forum.ziyouz.com

Umumiy bo'lim => Islom => Rasululloh SAV va sahobalar => Mavzu boshlandi: MirzoMuhammad 20 Avgust 2014, 12:25:02

Nom: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 20 Avgust 2014, 12:25:02
Қуйида Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг "Қабасотун мин ҳаётир Расул" (Расулуллоҳ ҳаётини ўрганиш) китобларидан бўлимлар бўйича тўлалигича таржимани эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. (Айрим ҳикоялар алоҳида ҳолда, шунингдек ҳаммуаллифликда, дўстларимиз танлаган мавзуга оид бўлимларини  бошқа таржима (каминанинг ўзининг таржимаси) билан ушбу сайтда берган эдик.)
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 20 Avgust 2014, 12:36:29
بسم الله الرحمن الرحيم *الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين *لا حول و لا قوة إلا بالله*
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ لَمْ يَرْتَابُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ {الحجرات/15}
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”
ИМОН
 “Имон” нинг маъноси соғлом эътиқод ва яхши амалдур. Солиҳ амалларни адо қилиб, ҳар қандай нуқсондан пок ва ҳар бир камолотда барҳақ ягона бўлган Тангриси бор эканлигига эътиқод қилган кимса мўмин банда саналади. У ҳар қачон Аллоҳ таолога юзланса, Унга ибодатини холис қилса, Раббиси кузатиб турганини ҳис қилса, Аллоҳдан қўрқишлик ва тақвосида содиқ бўлса қалбида имон ҳаловатини топади.
   Имон мўъжизаларни ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари қалбиларида имон қасрини қурдилар ва унинг ҳаловатини тотдилар. Имонларининг қуввати ва соғлом завқи самараси ўлароқ шиддат ила жиҳод майдонининг ҳавзасига интилганлар. Уларнинг Раббисига бўлган мустаҳкам эътиқодларининг самараси ўлароқ тиконли йўллар ҳам, ўнқир-чўнқир сўқмоқлар ҳам бўйсунганлар.
   Ҳар қачонким, мўмин банда Тангрисига мустаҳкам эътиқодда бўлар экан, қалбида умидсизликка  жой қолмайди. Ҳар  қанча улуғвор чақириқлар бўлса-да ижобат қилгай. Ҳар қандай хатарни енгиб ўтгай.
   Имони бақувват бўлган мўмин банда йўлида ҳар қанча ғов бўлса-да, Ислом калимасининг улуғворлиги йўлида ижтиҳод қилади. Бу йўлда ҳар қандай захматга бардош беради. Зеро унинг йўли иккидан бирдур – нусрат ёҳуд шаҳодат!
   Мўмин кишини ҳеч қандай ҳодиса ожиз қолдира олмайди. Ҳар қандай фитналар исканжасида ҳам зеҳну идрокини йўқотиб қўймагай. Балки буюк мақсад сари интилиб боргай!
   Бизлар токи имон ҳаловатидан баҳраманд бўлиб, мукаммал ишонч эътиқод роҳатини тотмагунимизга қадар, руҳониятимиз оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳ таолонинг малакутида пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар қатори кўтарилмагунига қадар Аллоҳнинг ҳидоятига эргашиш, ҳақиқий имон ила  мўмин бўлишлик даъвосини қилишга муносиб бўла олмаймиз.
   Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Кимда уч нарса бўлса имон ҳаловатини  топади –
-   Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳаммасидан кўра  маҳбуброқ бўлмоғи;
-   Бирор кишини яхши кўрса фақатгина Аллоҳ учун яхши кўрмоғи;
-   Куфрга қайтишни олов (ёки Дўзах)га тушиб қолишдан қўрққани каби ёмон кўрса” – деганларида ҳақиқатан ҳам тўғри айтган эдилар.


ИМОН ВА ЖАСОРАТ
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг амакиси Анас ибн Назр Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилинганлиги ҳақидаги миш-мишлардан эсанкираб, қуролларини ҳам ташлаб ҳайратда турган одамларнинг олдидан ўтар экан:
-   Ўтиришларингизнинг боиси не? – деб сўради.
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатл қилиниши, - жавоб беришди.
-   Эй қавмим, агарчи Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) қатл қилинган бўлса ҳам Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Раббиси Аллоҳ таоло ўлмагай! Мабодо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилинса, Ул зотдан кейин бу ҳаётда яшаб нима қилурсиз?! Шундоқ экан, Ул зот жанг қилганидек, сиз ҳам жанг қилинг! Агар Ул зот ўлса, сиз ҳам ўшандек ўлиши афзал кўринг! – деди. Кейин яна:
-   Эй Аллоҳим, манавилар – яъни мусулмонларнинг гаплари учун Сендан узру мағфират сўрайман! Ва анавилар – яъни мушрикларнинг қилган ишларидан омонлик сўрайман. – деб қўшиб қўйди.
Сўнг Саъд ибн Маоз разияллоҳу анҳуга йўлиқиб қолиб:
-   Эй Саъд! Менга Уҳуд томондан Жаннатнинг ҳиди келяпти! – дея жанг майдонига ташланди ва шаҳид бўлгунига қадар жанг қилди. Унинг жасадини таниб бўлмас эди. Фақат опасигина унинг ҳидидан таниди. Танасида саксондан ортиқ қилич ва найзалар жароҳати бор эди.


ҲАҚИҚИЙ ИМОН
   Бану Мусталиқ ғазотида мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Мадинада туриб:
-   Агар Мадинага қайтсак, азизлар хорларни ундан чиқариб юборур! – деди.
Унинг ўғли Абдуллоҳ отасининг қилмишидан хабардор бўлгач унинг феълидан безиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди ва:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, Сиз азиз, у эса хордур! Агар хоҳласангиз унинг ўзини Мадинадан чиқариб юборурмиз!
Абдуллоҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг отасини қатл  қилиши ҳақида эшитиб қолди. Шунда у:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Отамни қатл қилишни хоҳлабсиз деб эшитдим. Ростдан ҳам шундоқ бўлса қатл қилишни менга топширинг! Аллоҳга қасамки, агар ўлдиришликни менга буюрсангиз албатта ўлдиражакман! Эй Аллоҳнинг Расули! Агар мендан бошқаси ўлдирса қасос олиш учун сабрим етмай у кимсани мусулмон ҳолида ўлдириб қўйиб дўзахга тушиб қолишдан қўрқаман. Ва ҳолонки, бутун ансорлар мени отасига энг меҳрибон инсон сифатида яхши билишади.
-   Яхши – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам – отангга яхшилик қилишда давом этавер. У сендан фақт яхшиликни кўрсин!
Мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мадинага етиб келдилар. Йўлда Абдуллоҳ отасининг олдида тўхтади ва:
-   Аллоҳга қасамки, токи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермагунларига қадар шаҳарга кирмайсан! – деди.
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг шаҳарга киришига рухсат бердилар.


ИМОН МЎЪЖИЗАЛАРНИ СОДИР ҚИЛУР
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу мусулмон бўлишидан аввал Зиннира Румий унинг мулкида эди. Унга бераҳмлик қилиб кўп урар, охири аёлнинг кўзлари кўр бўлиб кўрмай қолишгача етиб борган эди. Қурайш халқи унинг бу ҳолатини кўриб ўзларича “Бунинг кўзларини Лот ва Уззо кўр қилди” дейишар эди. Зиннира эса: “Йўқ! Аллоҳга қасамки, ундоқ эмас! Лот ва Уззо одамлар уларга ибодат қилаётганларини ҳам билишмайди-ку! Аммо менинг Раббим кўзларим нурини қайтариб беришга қодир” дер эди.
   Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло унинг дуоларини ижобат қилди ва кўзларининг нурини қайтариб берди. Қурайш халқи эса энди “Бу Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) сеҳри!” дейишди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Зиннирани Умар ибн Хаттобдан сотиб олди.
   Қурайш халқи яна давом этишди – улар энди “Агар яхшилик бўлса Зиннира биздан ўтиб кетмагай!” Аллоҳ таоло Ўз Каломи билан уларнинг сўзларини рад қилди:
وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا لَوْ كَانَ خَيْرًا مَّا سَبَقُونَا إِلَيْهِ

КУФР ВА ИМОН
   Абу Бакр разияллоҳу анҳу раҳмдил, меҳрибон, оғир босиқ, мулойим инсон эди. Аллоҳдан қўрқар ва “Агарда қадамларимнинг бири жаннатда турган бўлса ҳам Аллоҳнинг макридан хотиржам бўла олмайман” дер эди. Лекин шунчалик мулойим, имони бақувват, Худодан қўрққувчи ва тақводор бўлишлиги билан бирга ҳақ учун кучли ва қатъий эди. Ҳақ йўлидан ҳар қандай маломатчининг маломатларию, золимларнинг тажовузлари қайтара олмас эди. Бу борада ўта қатъиятли инсон эди.
   Кунлардан бир кун яҳудийларнинг мажлисига кириб қолди. У жойда Минхос исмли руҳоний ўтирган эди уни Исломга даъват қилиб:
-   Эй Минхос, сен Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло томонидан ҳақлик билан юборилган расули эканлигини яхши биласан. Ул зотнинг номини сизларнинг Таврот ва Инжилларингизда кўргансансизлар, – деди.
-   Эй Абу  Бакр! Биз қандай қилиб ўзи камбағал, бандаларидан пора олгувчи Худога ибодат қилайлик, Ўз   оятида  مَن ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُ أَجْرٌ كَرِيمٌ {الحديد/11} “Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир” – деган бўлса?! Шундоқ экан сизларнинг Худойингиз камбағал ва бизлар боймиз! Ва биз камбағал Худога ибодат қилмаймиз! – деди Минхос.
Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ғазаби қўзиб, яҳудийга ташланди ва дўппослай бошлади. Яҳудий қочиб бориб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келди. Абу Бакрнинг устидан шикоят қилди ва шунчаки ўзаро гап-сўз учун дўппослади деб, айтган сўзидан тониб олди. Шунда Абу Бакрнинг сўзларини тасдиқлаб, яҳудийга аламли азобнинг ваъдасини эълон қилиб Ҳақ Жалла ва Алонинг Каломи нозил бўлди.
قَدْ سَمِعَ اللّهُ قَوْلَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ فَقِيرٌ وَنَحْنُ أَغْنِيَاء سَنَكْتُبُ مَا قَالُواْ وَقَتْلَهُمُ الأَنبِيَاء بِغَيْرِ حَقٍّ وَنَقُولُ ذُوقُواْ عَذَابَ الْحَرِيقِ {181} ذَلِكَ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيكُمْ وَأَنَّ اللّهَ لَيْسَ بِظَلاَّمٍ لِّلْعَبِيدِ {آل عمران/182}
“Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Набийларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз. (Яҳудийлар доимо Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон тасаввурда, ноҳақ ақидада бўлганлар. Улар мўътабар ҳисоблайдиган китобларида ҳам бу нарса ўз аксини топган. Бўлмаса, Аллоҳ камбағал, биз боймиз, дейишармиди? Аллоҳ уларнинг бу беодоб гапларини эшитмайди деб ўйлашади. Аммо улар нотўғри ўйлашади. Қиёмат куни фаришталар Аллоҳнинг номидан уларга: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» дейдилар.)”


ЖАННАТДАГИ ҲАМРОҲЛАР
Улуғ саҳобия Умму Халлод турмуш йўлдоши, ўғли ва укаси билан Уҳуд жангида ҳозир бўлди. Уччаласи – эри, ўғли ва укаси мазкур жангда шаҳид бўлдилар. Улуғ саҳобия уларни туясига юклаб, дафн қилиш учун Мадинага олиб кетди. Туя Уҳуд тоғининг ниҳоясига етганда ҳудди уччала шаҳидни Уҳуд жангида шаҳид бўлган ҳамроҳлари билан бирга дафн қилишга шошилгандек бирдан тезлай бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларнинг етиб келишини кутиб турдилар. Сўнг ўз қўллари билан  дафн қилдилар ва Умму Халлодга:
-   Эй Ҳинд! Улар – Амр ибн Жамуҳ, фарзандинг Халлод ва уканг Абдуллоҳлар жаннатда ҳам ҳамроҳ бўлдилар. – дедилар.
Умму Халлод:
Эй Аллоҳнинг Расули! Дуо қилинг, Аллоҳ таоло мени ҳам ўшалар билан бирга қилсин! – деди.

ЖАННАТ АҲЛИ
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
   Бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳоратининг сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди.
   Эртаси куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдлилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.
   Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс разияллоҳу анҳумо ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:
−   Мен билан отам орасида бир нарса ўтиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам – деди.
−   Майли – деди ансорий.
Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга ўша уч кечани ўтказдим. Кечалари бомдод намозига тургунга қадар  бошқа ҳеч бир ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.
Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдулоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.
−   Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отамнинг ўртамизда ҳеч нарса ўтмаган эди, – дедим. – Лекин мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда уч бора “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – деганларини эшитдим. Ўша уччала сафар ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганлигини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?
−   У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, – деди ансорий.
Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:
−   У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари шу нарса борки, мен қалбимда ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик кўрмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим,  – деди”.
−   Ҳа, мана шу экан сенга (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал! – деди Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 24 Avgust 2014, 15:17:13
Қуйида Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг "Қабасотун мин ҳаётир Расул" (Расулуллоҳ ҳаётини ўрганиш) китобларидан бўлимлар бўйича тўлалигича таржимани эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. (Айрим ҳикоялар алоҳида ҳолда, шунингдек ҳаммуаллифликда, дўстларимиз танлаган мавзуга оид бўлимларини  бошқа таржима (каминанинг ўзининг таржимаси) билан ушбу сайтда берган эдик.)
Камина - Улуғбек қори Йўлдошев. Асака тумани Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 28 Avgust 2014, 08:48:09
ВАТАННИ СЕВМОҚ ИМОНДАНДИР
Умайя ибн Халаф қурайшнинг киборларидан бўлгани каби унниг ўғли Сафвон ҳам Бани Жамънинг саййидларидан эди. Жоҳилият даврида ўз қавмига азлом билан фол очар, арабларнинг мартабалик оилаларидан бирининг қизига уйланган эди.
Ислом келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни имонга даъват қилдилар. Қурайш мушриклари Сафвон билан бирга тарихда мисли кўрилмаган қаршиликларни кўрсатишди. Сафвон Умайр ибн Ваҳбга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилса, хун пулини тўлаб, оиласининг нафақасини ҳам ўз зиммасига олишга ваъда берган эди. (Кейин Умайр Исломни қабул қилгани форумнинг шу бўлимида “Пайғамбарлик мўъжизалари” рукнидага мақолаларда берилган)
Умайр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди ва:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Сафвон ибн Умайя қавмининг саййиди. У сиздан қўрққанидан Яманга жўнаш учун денгизга қочиб кетди. Унга омонлик берурмисиз?
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- У - омонликда! – дедилар.
Умайр айтди:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Менга омонлик берганлигингизни билдирувчи бирор белги беринг.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага киришда бошларига кийган саллаларини бердилар.
Умайр Сафвон қочган томонга излаб борар экан, кемага кўзи тушди. Аллоҳ таоло Маккани Исломга ва мусулмонларга очиб бериб, ширкни ва мушрикларни яксон қилгандан кейин Сафвон Яманга кўчиб кетиб, ўша томонларда яшаб қолиб кетиш мақсадида кемага чиқиб кетаётган эди, Умайр етиб келди ва:
-   Ҳой Сафвон! Ота онам сенга фидо бўлсин! Худо ҳақи, Худо ҳақи – қайт! Қара, мен сенга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам омонлик берганлигининг белгисини олиб келдим! – деди.
Сафвон эса:
-   Мендан нари кет! Менга умуман гапирма! – деди.
-   Ҳой Сафвон! Амакингнинг ўғли Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг афзали, эзгуси, ҳалими ва яхшиси. Уннинг иззати – сенинг ҳам иззатинг. Унинг шарафи – сенинг ҳам шарафинг. Унинг мулки – сенинг мулкинг!
-   Қўй, мени йўлимдан қолдирма! Ҳаргиз ортимга қайтмагайман!
-   Мен билан Маккага – Ватанингга, ота юртингга, аждодларинг юртига қайт! Сен ахир Макканинг фарзандисан! Қабиланинг шарафисан! Қавмнинг саййидисан! Қайт!
Бу гаплардан сўнг Сафвон:
-   Мени ўлдиришларидан қўрқаман-да! – деди.
-   Қўрқма! – деди Умайр, - Ул зот сен ўйлаганингдек эмас, балки ҳалим, карамли ва бағри кенг инсон!
Сафвон кемадан тушди. Умайр билан бирга Макка шаҳри томон жўнади.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига етиб келди. Гувоҳларнинг шоҳидлигида нидо қилди:
-   Эй Муҳаммад! Манави киши кийимингизни олиб менинг олдимга келди ва Сиз менга омонлик берганлинигиз ва ўз ҳузурингизга чорлаганингизни айтди.  Агар рози бўлсангиз шу ерда қоламан. Мабодо рози бўлмасангиз икки ой муҳлат беринг, қайтиб кетаман.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам виқор ва улуғворлик билан:
-   Умайр тўғри айтибди. Туша қол, эй Умайянинг ўғли! – дедилар.
-   Йўқ! Аллоҳга қасамки, менга аниқроқ билдирмагунингизга қадар тушмагайман! – деди Сафвон.
-   Сенга тўрт ой муҳлат бераман. – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Сафвон мушрик ҳолида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн ғазотига чиқди. Исломга ёрдам бериб кўмаклашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида Сафвон билан бирга ғанимат ўлжа ва мол-давлатларни олиб қайтдилар. Сафвон водий тўла неъматларни кўриб орзу билан қараб қолди.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сенга ёқяптими? – деб сўрадилар.
-   Ҳа, - деди Сафвон.
-   Олақол, бу сенга!
Шунда Сафвон:
-   Пайғамбар инсондан бошқа ҳеч қандай кимсанинг нафси бу ҳолатга тоқат қила олмайди. Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидур! – деб имон келтириб мусулмон бўлди. Аллоҳ таоло ўз раҳматига олгунига қадар Ислом йўлида жиҳод қилди.


ЎРГИМЧАК ТЎРИ ВА КАПТАР ТУХУМИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан Савр ғорида беркиниб ўтирганларида Қурайш мушриклари ортларидан қувиб етиб келдилар ва изларини топишди. Бироқ Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни яшириб, ўргимчакка ғорнинг оғзига тўр солишини, каптарга эса унинг олдига тухум қўйиб тухумни босиб ётишни илҳом қилди.
Мушриклар етиб келишгач, ўргамчакнинг уяси ва тухум босиб ётган каптарни кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ғорга кириб олишлари мумкин эканлигини инкор қилишди.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу пичирлаб: ”Агар биронтаси қадамининг остига қараса бизларни кўриб қолишлари мумкин” деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ташвишланма, Аллоҳ биз билан. Икки кишининг учинчиси Аллоҳ бўлса нима деб гумон қиласан?” деб жавоб бердилар.


УМАРНИНГ РАББИСИ БИЛИБ ТУРАДИ
Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида сутга сув қўшиб сотишни таъқиқлаб қўйди. Кечаларнинг бирида шаҳар атрофини айланиб чиққан эди, бир аёл қизига:
-   Сутга сув қўшмайсанми, тонг отиб қолди-ку?! – деб айтаётганини эшитиб қолди. Қиз:
-   Қандай қилиб сув қўшаман, ҳолбуки мўминларнинг амири сутга сув қўшишдан қайтарган бўлса? – деди.
-   Ҳамма қўшяпти-ку! Сен ҳам қўшавер, мўминларнинг амири қаёдан билсин.
-   Умар билмаса ҳам Умарнинг Раббиси билиб туради! Мен барибир қўшмайман!
Умар разияллоҳу анҳуга бу гап таъсир қилди. Тонг отгач ўғли Осимни чақирди.
-   Эй ўғлим, фалон жойга борсанг, бир қиз бор. Ўша қизнинг кимлигини сўраб кел – деди.
Осим бориб, қизнинг Бани Ҳилолдан эканлигини аниқлаб келди. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Ўша қизга уйлан. Чунки у қиз арабларга бош бўлгувчи форсий фарзанд кўришингга муносибдур, – деди.
Умар разияллоҳу анҳунинг ўғли ўша қизга уйланди ва қиз фарзанд кўрди. У қиз улғайиб,  Абдулазиз ибн Марвонга турмушга чиқди. Улардан Умар ибн Абдулазиз туғилди.


АЛЛОҲ ОТАНГНИ ҲИМОЯ ҚИЛГУВЧИДУР
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси Абу Толиб ва жуфти ҳалоли Хадича онамиз разияллоҳу анҳо вафот этган маҳзунлик йилида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайшнинг озор ва тажовузлари ҳаддан ошиб кетди. Кунларнинг бирида уйларига қайтаётган пайтларидан фойдаланиб, муборак бошларига тупроқ сочишди.
   Бошлари тупроқ ҳолида уйларига кириб келдилар. Қизлари бу ҳолатни кўриб, йиғлаганларича муборак бошларидаги тупроқни тозаладилар.    
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга  ҳар қандай кишининг бардошидан ҳам кўра юкасак даражадаги бардошлик ва бағрикенгликларни ато қилганлигидан инсонлардан келаётган ҳар қандай уқубат ва қийинчиликларга сабр қилдилар. Йиғлаётган қизига илтифот қилиб, камоли имон ва хотиржамлик ила:
-   Қизгинам, йиғламанг. Аллоҳ албатта отангизни ҳимоя қилиб олади, – дедилар.


ҲИМОЯНГ ЎЗИНГГА БЎЛСИН!
   Умар ибн Хаттоб Исломга кирган пайтлари ҳақида шундай дейди:
   “Тоғам Абу Жаҳл ибн Ҳишом обрўли кимса эди. Унинг уйига бориб эшигини тақиллатдим.
-   Ким? – деб сўради.
-   Хаттобнниг ўғлиман. Мусулмон бўлдим! – дедим.
-   Ундоқ қилма! – деб эшигини ёпиб кириб кетди.
“Бу қандоқ иш, мусулмонлар калтакланар эди, мени нега калтаклашмади” дедим ўзимча. Сўнг бир киши:
- Мусулмон бўлганингни билдиришни хоҳлайсанми? – деб сўраб қолди.
- Ҳа, – дедим.
- Ундай бўлса одамлар Ҳижр(Каъбатуллоҳнинг шимолий ғарбий тарафидаги қисми)да ўтиришганида фалончининг олдига бор, – деб ичида гап ётмайдиган бир кишининг номини айтди. – Унга ўзаро “Мен мусулмон бўлдим” деб айт.
Борсам одамлар Ҳижрда йиғилиб ўтиришган экан. Ўша кишига астагина “Мен мусулмон бўлдим” дедим.
- Ростдан шундай қилдингми? – сўради у.
- Ҳа, – деган эдим бор овози билан:
- Хаттобнинг ўғли динидан юз ўгириб мусулмон бўлибди! – деб бақириб юборди. Бирдан одамлар менга ташланишиб қолди. Мен уларни ура бошладим, улар ҳам мени дўппослашга тушишди. Бир зумда оломон тўпланди.
- Бу нима тўпалон? – сўради тоғам.
- Умар динидан чиқибди, – дейишди. Шунда у Ҳижрга кўтарилиб, енги билан ишора қилиб:
- Жиянимни мен ўз ҳимоямга олдим! – деди. Одамлар мени ҳоли қўйиб тарқалишди.
Шундан сўнг мусулмонларнинг калтак еганини кўришга тоқат қилолмай қолим. Мабодо кўриб қолсам: “Нега энди сизларга мундай бўлмоқда?” дер эдим. Кейин эса тоғамнинг олдига бориб:
- Мен Сизнинг ҳимоянгиздан чиқдим! – дедим ва токи Аллоҳ таоло Исломни ғолиб қилгунига қадар мушрикларни уравердим ва калтак ҳам еявердим”.

ҚЎЯВЕРИНГЛАР, МЕНИ АЛЛОҲ ЎЗИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари йиғилиб:
-   Аллоҳга қасамки, Қурайш халқи ҳанузгача Қурони каримни эшитишмади. Уларга Қуронни ким эшиттира олади? – дейишди.
-   Мен! – деди Абдуллоҳ ибн Масъуд.
-   Йўқ, биз сени юборишдан қўрқамиз. Мабодо улар ташланиб қолишса яқин қариндошлари ҳимоя қилиб оладиган бирон киши боришини истаймиз, – дейишди.
-   Қўяверинглар, мени Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олади, – деди Абдуллоҳ.
Эртаси куни ибн Масъуд чошгоҳ пайтида Мақомга борди. Қурайш жамоаси йиғилиб ўтиришган эди. Мақомда туриб уларга овозини баланд қилиб:  “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” деб “Ар-Раҳмон” сурасини қироат қилганча уларга яқинлаша бошлади. Улар эса Абдуллоҳга ҳайрон бўлиб қарашди ва:
-   Умму Абднинг ўғли нималар деяпти ўзи? – дейишди.
-   У  Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган нарсалардан  тиловат қиляпти шекилли, – дейишди бошқалари ва ўринларидан туриб Абдуллоҳни дўппослай кетишди. У эса қироатда давом этиб, Аллоҳ хоҳлаган жойига қадар тиловат қилаверди.
Сўнг асҳобнинг ёнига қайтиб борди. Улар юзларини кўриб нима содир бўлганини билишди.
-   Биз сенга шундай бўлишидан қўрққан эдик – дейишди.
-   Аллоҳнинг душманлари мен учун бугунги кундагидек хор кўринмаган эди. Агар хоҳласаларингиз эртага ҳам шу ишни қайтараман! – деди Абдуллоҳ.
-   Йўқ! Сенга шу кифоя қилади. Сен улар ёқтирмаган нарсасини эшиттириб бўлдинг, – дейишди.


Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саботлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси Абу Толиб ёши саксондан ўтиб ўлими яқинлашганда унинг вафотидан сўнг Қурайш билан Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг орасидаги муносабат қандай бўлар экан деган ташвишда Қурайш арбоблари ғимирлаб қолишди. Айниқса Умар ибн Хаттоб билан Ҳамза ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳумо Исломга кирганларидан энди нима бўлар экан деб кўпроқ хавфсирашар эди.
Қавмнинг ашрофлари Абу Толибнинг олдига киришди ва:
-   Эй Абу Толиб, эсингни таниганингдан буён бизнинг ҳурматимиздасан. Жиянинг Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан орамиздаги муносабатни яхши биласан. Энди уни чақирсанг, ўртада муроса қилиш учун ундан ҳам, биздан ҳам вакиллар қўйсанг. У ҳам бизнинг динимизга ибодат қилса, биз ҳам унинг динига ибодат қилсак, – дейишди.
Улар шу ҳолатда туришганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолдилар. Уларнинг шартини эшитгач:
-   Хўп. Бир калима бор. Шуни айтсангиз арабларга молик бўласиз, ажамлар йўлингизга юради, – дедилар.
-   Яхши, – деди Абу Жаҳл, – Отанг номига қасамки, ўнта калима бўлса ҳам майли.
-   Ла илаҳ иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) дейсиз. Ундан бошқага ибодат қилишни бас қиласиз, – дедилар Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳга қасамки, бу киши сизлар хоҳлаган нарсанинг бирортасига ҳам итоат қиладиган одам эмас экан! – деб мушриклар ноумид ҳолда тарқалишди.
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 28 Avgust 2014, 08:51:26
ҲАЗРАТ УМАРНИНГ КАРОМАТИ
   Умар разияллоҳу анҳу жума куни Мадинада хутба ўқиётган эдилар. Бирдан хутба асносида: “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Кимки қўйни бўридан сақламас экан, зулм қилгай!” – деб юбордилар.
   Одамлар бир-бирларига қарадилар, аммо мўминларнинг амирининг муродини тушунмадилар. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу:
-   Бу нима деганингиз? – деб сўрадилар. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Эшитдингми? – деди.
-   Ҳа, мен ҳам, масжиддагиларнинг ҳаммаси ҳам эшитди. – деди. Али разияллоҳу анҳу.
-   Кўнглимга келиб қолдики, мушриклар биродарларимизга зарба бермоқчи ва устларига от бостириб келмоқчи эди. Улар тоғдан ўтишмоқда. Агар тўқнашиб қолсалар, қатл қилиб ғолиб келадилар. Тоғ орқали ўтсалар ҳалок бўладилар. Шунинг учун мендан шу сўз чиқиб кетиб қолди.
Орадан бир ой ўтиб Мадинага хабар келдики, лашкар ўша куни, ўша дамда тоғдан ўтишаётиб:  “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг!” – деган, мўминларнинг амири Умар разияллоҳу анҳунинг овозларига ўхшаш овозни эшитишибди. Шундан сўнг улар тоғни айланиб ўтишди ва фатҳга мушарраф бўлишди.

НИЛ ДАРЁСИГА МАКТУБ
   Миср фатҳ қилингач ажамлар ҳисобидаги маълум ойлардан бирининг аввалги  куни келиб қолганда унинг аҳолиси Амр ибн Оснинг ҳузурига кирдилар.
-   Эй амр – дедилар, - Бизнинг Нил дарёмизнинг бир одати бор, ўша қилинмаса оқмай қўяди.
-   У нима экан? – сўради амир.
-   Шу ойдан ўн бир кеча қолганда бокира қизнинг олдига бориб книнг ота онасининг розилигини оламиз. Анг афзал кийим кечак ва зебу зийнатлар берамиз. Сўнг ўша қизни Нилган ташлаймиз.
-   Исломда бу нарса асло қилинмайди! Ислом ўзидан аввалгиларни бекор қилади! – деди Амр.
Айтилган кунлар келди. Нил эса на оз, на кўп оқмас эди. Ҳатто аҳоли кўчиб кетишга ҳаракат қилиб қолдилар. Бу ҳолатни кўриб Амр ибн Ос Умар ибн Хаттобга бу ҳақда мактуб юборди. Умар ибн Хаттоб жавоб юборди: “Сен тўри айтибсан. Ислом ўзидан аввалгиларни бекор қилади”.
Мактубга илова қўшиб бу ҳақда Амр ибн Осга ёзди: “Мен сенга мактубга қўшимча илова юбордим. Ўшани Нилга ташла”.
Умар разияллоҳу анҳунинг мактуби Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга етиб келди. Иловани очиб қарасалар, унда шундай ёзув бор экан:
“Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобдан Мисрнинг Нил дарёсига:
Аммо баъду, аввалги одатингча оқсанг оқмай қўявер! Агар Аллоҳ сенинг оқишингни ирода қилса, Ёлғизу Қаҳҳордан сени оқизишини сўрайман”.
Амр разияллоҳу анҳу насронийларнинг хайитидан аввалроқ иловани дарёга ташлади. Эрталаб қарасалар, бир кечанинг ўзидаёқ Аллоҳ таоло олтмиш зироъ миқдорда сувнин оқизиб қўйган экан. Шу билан Аллоҳ таоло бугунги кунга қадар Миср аҳлининг ўша қабиҳ одатларини йўқотиб ташлади.

РИЁ – ШИРК
   Шаддод ибн Авс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳраларида маҳзунлик аломатларини кўриб, сабабини сўраган эди, жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Умматимнинг ҳолидан қўрқаман. Ширк ва пинҳоний шаҳватда бўлурлар, – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Умматингиз Сиздан кейин ширк келтирурларми? – сўради Шаддод.
-   Эй Шаддод, умматим Қуёшга ва бутларга ибодат қилишмагай, лекин ўз амалари ила инсонларга риё қилгайлар! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Риё ҳам ширк бўлурми? – сўради Шаддод.
-   Ҳа. Уларнинг бири тонгда рўза тутгай. Сўнг унга дунё шаҳватларидан бири ориз бўлгай ва у рўзасини очиб юборгай! Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ) وَمَا يُؤْمِنُ أَكْثَرُهُمْ بِاللّهِ إِلاَّ وَهُم مُّشْرِكُونَ {يوسف/106}  “Уларнинг кўпи Аллоҳга имон келтирса-да, мушрик ҳолда бўлурлар”( деган, - дедилар Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунинг учун огоҳ қилиб: “Эй инсонлар! Мана шу ширкдан сақланинг. Чунки у чумолининг эмаклашидан ҳам махфийроқдур” дедилар.

БИР ЖОНИМДАН БОШҚА ЖОНИМ ЙЎҚЛИГИГА ЙИҒЛАЙМАН
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Саҳмийни Рум асир қилиб олди ва:
-   Насроний бўл! Йўқса дош қозонга ташлайман! – деб катта мис қозонга ишора қилди.
-   Йўқ, насроний бўлмайман! – деди Абдуллоҳ.
Мис қозонни келтириб зайтун ёғи билан тўлдиришди ва ёғни қиздиришди. Асир тушган мусулмонлардан бирини келтиришди. Унга ҳам насронийликни таклиф қилишган эди кўнмади. Уни дошқозонга ташладилар. Этлари куйиб суяклари кўринди. Абдуллоҳга яна:
-   Насроний бўл! Йўқса қозонга ташлайман! – деди.
-   Йўқ, насроний бўлмайман! – деди Абдуллоҳ.
Дошқозонга ташлашга буюрди. У йиғлай бошлади.
-   Қайтаринглар! Йиғлаб дод солмоқда! – деди Қайсар.
-   Менга жафо қилаётганингдан йиғлаётганим йўқ, – деди Абдуллоҳ, – Мен Аллоҳ йўлида фидо бўлишга ёлғиз шу жонимдан бошқа жоним йўқлигига йиғламоқдаман. Хоҳлардимки, танамдаги ҳар бир тук биттадан жоним бўлсаю, ҳар бир жонимни шу ҳолатда бирма бир Аллоҳ йўлида фидо қилсам!
Қайсар унинг гапларига лол қолди ва озод қилиб юборишни хоҳлаб:
-   Бошимни ўпиб қўй, озод қилиб юбораман, – деди. У кўнмади.
-   Насроний бўл! Қизимни никоҳлаб бераман. Мулкимни бўлиб бераман. – Бунга ҳам кўнмади.
-   Ундай бўлса бошимни ўпиб қўй, сен билан қўшиб мусулмонлардан саксонтасини озод қиламан – деди Қайсар.
-   Ҳа, бунга рози бўламан, – деди Абдуллоҳ ва унинг бошини ўпиб қўйди. Абдуллоҳни ва яна саксонта мусулмонни озод қилиб юборишди.
9.11.2013.

“ДИНИМДАН ҚАЙТМАГАЙМАН!”
   Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Исломга кирди. Онаси эса динини маҳкам ушлаган мушрикалигидан қолмаганлиги сабабли унинг Исломга киришини рад этарди. Саъд онасига жуда ҳам меҳрибон эди. Онаси ўғлидаги юмшоқ кўнгиллик ва ўта меҳрибонликни билганидан уни йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
-   Эй Саъд, сен гапираётган бу дин нима ўзи? Ё динингдан қайтасан ёки ўлгунимча бирор нарса емайман ҳам, ичмайман ҳам. Кейин маломатга қоласан, – деди.
-   Эй онажон! Ундай қилманг! Мен барибир динимдан қайтмайман! – деди Саъд разияллоҳу анҳу.
Бир кеча ва кундуз ҳеч нарса емади ҳам, ичмади ҳам. Эрталабда ҳолдан тойди.
-   Аллоҳга қасамки, агар Сизнинг мингта жонингиз бўлсаю, биттадан-биттадан бўлиб чиқиб турса ҳам мен бу динни тарк қилмасман! – деди Саъд. Бу ҳолатни кўрганидан сўнг охири еб ичишни давом эттирди. Шунда Аллоҳ таоло:
وَإِن جَاهَدَاكَ عَلى أَن تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ {لقمان/15}
“Агар икковлари (ота-она) сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман” оятини нозил қилди.

МЕН АЛЛОҲНИНГ ҲИМОЯСИДАМАН
   Саййидимиз Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳу бориб, шоир Лубайднинг шеърларини эшитиб ўтирган Қурайш жамоасиинг олдида тўхтади. Шоир шеър ўқиди:
الا كل شيء ما خلا الله باطل
“Билки, Аллоҳдан бошқа барча нарса ботилдур”
   Усмон разияллоҳу анҳу:
−   Тўғри айтдинг, – деди. Лубайд давом этди:
و كل نعيم لا محالة زائل
“Ҳар бир неъмат, охири, ҳеч шубҳасиз, зоилдур”
−   Ёлғон айтдинг! Жаннат неъматлари зоил бўлмагай! – деди Усмон.
Лубайд ирғиб ўрнидан туриб, қичқира бошлади:
−   Ҳой Қурайш жамоаси! Сизларнинг ҳамроҳларингиз ҳеч қачон менга озор бермас эди. Бу қачондан буён ораларингизда пайдо бўлиб қолди?!
Бир киши Усмонга юзланиб, унга қаршилик қила бошлади. Ҳатто кўзига тарсаки тортиб юборди. Валид яқинроқдан кўриб турган эди:
−   Аллоҳга қасамки, эй жияним, сенинг кўзингга менинг ҳимоям кифоя қилар эди, - деди.
−   Йўқ! –деди Усмон, – Мен ўзи шунга муҳтож эдим. Аллоҳга қасамки, бу кўзим кўрган мусибатга у кўзим ҳам муштоқ бўлиб турибди! Мен сендан кўра Ғолиб бўлган Зотнинг ҳмоясидаман!

СОДИҚ ИМОН
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан иноқ дўст эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик келганда Қурайшдан бир киши Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ёнига келиб:
-   Эй Абу Бакр, анави дўстингиз мажнун бўлиб қолибди, – деди.
-   Нима гап бўлди? – сўради Абу Бакр.
-   У масжидда бир нарсалар деяпти.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйига бориб эшигини қоқди. Сарвари коинот чиққан эдилар:
-   Эй Абул Қосим, менга Сизнинг тўғрингизда етиб келган гап сўзлар нима ўзи? – деб сўрадилар.
-   Мен ҳақимда нима эшиттинг ўзи, эй Абу Бакр? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Айтишларича тавҳидга чақираётган эмишсиз. Ўзингизни Аллоҳнинг элчиси дебсиз?
-   Ҳа, шундоқ, эй Абу Бакр. Раббим азза ва жалла мени башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборди. Мени Иброҳим алайҳис саломнинг даъватида қилди. Инсонларнинг ҳаммаси учун юборди.
-   Аллоҳга қасамки, мен Сизга ёлғончиликни нисбат қилмаганман. Сиз ўта омонатдорлигингиз, қариндошликни боғлашингиз ва хуш феъллигингиз билан ҳақиқатан ҳам рисолатга муносибсиз. Қўлингизни беринг Эй Аллоҳнинг Расули! – деб Абу Бакр разияллоҳу анҳу содиқ имон ила байъат қилдилар.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен кимни Исломга даъват қилсам, иккиланганини кўрдим, фақат Абу Бакргина иккиланмаган” деган эдилар.
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 28 Avgust 2014, 08:52:46
ОДАМЛАРНИНГ АМАЛИДАН СЎРАЛМАЙСАН
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг жанозасига бордилар. Жаноза ҳозир бўлган эди Умар разияллоҳу анҳу:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Бунинг намозини ўқиманг, у одам фожир киши, – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ўгирилиб қарадилар ва:
-   Бирортангиз бу кишининг Ислом амалини қилганини кўрганмисиз?
-   Ҳа, – деди бир киши, – Эй Аллоҳнинг Расули! Бир кеча Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилганини кўрганман.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жанозасини ўқидилар, қабрига тупроқ тортдилар ва айтдилар:
-   Танишларинг сени дўзах аҳлидан деб ўйлашяпти. Мен эса сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман. – Сўнг Умар разияллоҳу анҳуга:
-   Эй Умар, сен одамларнинг амалидан сўралмайсан, балки феъл атворингдан сўраласан! – дедилар.


УНИНГ МАҲРИ – ИСЛОМ
Абу Талҳа Умму Сулаймнинг қўлини сўради.
-   Аллоҳга қасамки, эй Абу Талҳа, сендек инсоннинг қўлини қайтариб бўлмайди. Лекин сен кофир кишисан, мен эса мусулмон аёлман. Сенга турмушга чиқишим мумкин эмас. Агар Исломга кирсанг, шу менинг маҳрим бўлади. Сендан бошқа нарса сўрамайман, – деди Умму Сулайм.
Абу Талҳа мусулмон бўлди ва унинг Исломга кириши Умму Сулаймга маҳр бўлди.
Собит айтади: “Умму Сулаймчалик мукаррам маҳрга эга бўлган аёлни эшитмадим”. Абу Талҳа ансорийлардардан ва саҳобийларнинг улуғларидан бўлди.

МЕН УНИНГ ДИНИДАМАН
Жобир ибн Ҳакимул Қураший Омирийнинг қизи Ғузайя Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илк даъватларидаёқ мусулмон бўлган эди. У билан кофир ва мунофиқларни ўз ичига олган муҳит унга торлик қилди. Уни Умму Шарик дер эдилар. Турмуш йўлдоши Абу Аскар Давсий билан Маккада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари зоҳир бўлгунга қадар яшадилар. Даъватга ижобат қилган аёлларнинг аввалгиларидан эди. У оиласи ва қавми билан бўлган ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб айтар эди:
“Эримнинг қариндошлари келиб:
-   Муҳаммаднинг динини қабул қилдингми? – дейишди.
-   Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен унинг динидаман, – дедим.
-   Ундоқ бўлса, Аллоҳга қасамки, сени қаттиқ азоблаймиз! – дейишди.
Сўнг мени қўпол туяга миндириб бошқа жойга жўнатишди. Нон билан асал едириб, сув бермасдан кун ярим бўлиб қуёш қиздиргунча ташлаб қўйишди. Чодрани бузиб ташлаб, қуёш остида қолдиришди. бу ҳолат уч кунгача давом этди. Охири ақлдан оздим. Қулоғим эшитмай, кўзим кўрмай қолди.
Учинчи куни:
-   Муҳаммаднинг динини тарк қил! – дейишди.
Мен уларнинг нимадир дейишганини билдиму, аммо аниқ идрок қила олмадим. Бармоғим билан осмонга ишора қилиб тавҳид аломатини билдирдим. Аллоҳга қасамки, шу ҳолатимда машаққатим ошган пайтда, бир маҳал кўксимда пақирнинг совуғини ҳис қилиб қолдим. Ундан бир қултум сув ичдим. Кейин шундоқ қарасам (ҳолбуки, кўзи кўрмай қолган эди) пақир осмон билан ернинг орасида муаллақ турган экан! Мен унга ета олмасдим. Бироқ у яна бир бора яқин келди, мен яна бир қултум ичдим. Яна кўтарилди ва учинчи бора яқинлашди. Бу сафар ташналигим қолгунча ичдим ҳамда бошларимга, юзларимга ва кийимларимга сепиб олдим. Улар мени кўриб:
-   Ҳой Аллоҳнинг душмани! Бу нарса сенга қаёқдан келди? – деб сўрашди.
-   Аллоҳнинг душмани мен эмас, мендан бошқалар – Унинг динига хилоф қилганлар. Аммо сиз сўраётган нарса эса, Аллоҳнинг ҳузуридан. Буни менга Аллоҳ ризқ қилиб берди, – дедим.
Улар шоша-пиша сув тўлдирилган идиш ва мешлари томон югуришди. Қарасалар, идишларининг оғзи ёпиқлиқ ҳолича турибди. Қайтиб келишиб:
-   Гувоҳлик берамизки, сенинг Раббинг бизнинг Раббимиз! Биз сенга шунча азобларни берганимиздан сўнг сени ризқлантирган Зот исломни шариъат қилгани ҳақдур! – деб ҳаммалари мусулмон бўлишди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ҳижрат қилишди.

АҲДГА ВАФО ИМОНДАНДУР
Аллоҳ азза ва жалла ҳижрат қилишга кучи етмайдиган қария ва ожизларга узр эълон қилди. Бани Лайсдан Ҳай ибн Ҳамза ал-Жаҳдий исмли касал қария имонининг қувватидан ўзини ҳижрат аҳлидан ҳисоблади. Эътиқодининг кучлилигидан Маккада узрлилар мақомида қолишни ўзига раво кўрмади.
-   Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ азза ва жалла истисно қилганлардан эмасман! Менда Мадинага етиб бориш учун маблағ ҳам имкониятим ҳам етарли. Энди Маккада қолмайман. – деди.
Сўнг оиласидагиларга йўлга чиқаришни амр қилди. Улар ўриндиққа жойлаб, йўлга тушишди. Йўлда унинг касали яна ҳам оғирлашиб қолди. Ўлими яқинлашганини сезган қария ўнг қўли билан чап қўлини ушлади-да байъатга ишора қилиб:
-   Эй Аллоҳ! Бу Сен учун, – деди. Яна бир бор шу ишорани қилиб – Буниси Расулинг учун. Расулинг нима учун байъат қилса, ўша нарса учун байъат қилдим, – деди ва омонатни топширди.
Бу хабар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобига етиб борди. Улар “Қанийди у Мадинага етиб келганда эди” дейишди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло оят нозил қилди:
وَمَن يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللّهِ يَجِدْ فِي الأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً وَمَن يَخْرُجْ مِن بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْتُ فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلى اللّهِ وَكَانَ اللّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا {النساء/100}
“Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва унинг Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир”.

АЛЛОҲ ОМОНАТИНГНИ ЕТКАЗАДИ
Яҳудий ҳожасининг қўйларини боқувчи қул бор эди. Хайбар аҳли қурол аслаҳаларини тайёрлаётганларини кўриб улар нима қилмоқчи эканликларини сўради.
-   Анави ўзини пайғамбар деб даъво қилаётган киши билан жанг қилмоқчимиз, – деб жавоб беришди.
Қулнинг кўнглига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зикрлари ёқиб қолди ва ҳузурларига йўл олди.
-   Нима демоқдасиз? Нмага чорлаяпсиз? – деб сўради у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб.
-   Исломга, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва мен Аллоҳнинг Расули эканлигимга гувоҳлик беришингга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслигингга  чорлаяпман, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Мен шаҳодат келтирсам ва Аллоҳ азза ва жаллага имон келтирсам эвазига менга нима бўлади?
-   Ўшандай ҳолатда вафот этсанг, сенга жаннат бўлади.
Қул мусулмон бўлди ва:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Манави қўйлар менга омонат топширилган эди, – деди.
-   Уларни қўйиб, ҳайдаб юбор. Аллоҳ таоло сенинг омонатингни Ўзи етказади.
Қул Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларини қилди. Қўйлар ўз эгаларига қайтиб боришди.


АЛЛОҲНИНГ РУХСАТИ БИЛАН
Ҳикоя қилишларича Мусайлама каззоб икки кишини ҳозир қилиб, уларнинг бирига:
-   Билгики, мен Аллоҳнинг расулиман! – деди.
-   Йўқ! Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули! – деди у. Мусайлама уни ўлдирди ва иккинчисига ҳам шу сўзни айтди.
-   Сен ҳам Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Аллоҳнинг элчисисиз, – деди иккинчи киши. Уни қўйиб юборди.
Бу хабар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Биринчиси ўзининг азму қарори ва  комил имони билан иш тутди. Иккинчиси эса Аллоҳнинг рухсати билан айтди, унга жавобгарлик бўлмайди, – дедилар.
17.11.2013

ЭЪТИҚОД
Анас разияллоҳу анҳу айтади:
“Ансорийлардан бир йигитнинг касали оғирлашиб қолди. Биз уни кўргани кирдик. Бизлар ҳали чиқиб улгурмасдан жон таслим қилди. Унинг бошида турган кампирга орамиздан бир киши тасалли бериб:
-   Аллоҳ азза ва жалланинг амрига таслим бўл, – деди.
-   Нима гап, ўғлим вафот этдими? – сўради кампир.
-   Шундай, – деди.
-   Айтаётган сўзларингиз ҳақми?
-   Ҳа, – дедик. Кампир қўлларини самога кўтариб дуо қилди:
-   Эй Аллоҳ! Сен Ўзинг биласан – мен ҳар қандай мушкул ва оғир кунда Ўзинг ёрдам беришингдан умидвор бўлиб Сенинг амрингга бўйсундим, пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳижрат қилдим. Эй Аллоҳ! Бу мусибатни шу кунда менинг бошимга солма!
Шу пайт унинг ўғли юзига ёпиб қўйилган кийимни очиб, ўзига кела бошлади. Ҳатто ҳеч қанча ўтмай биз билан бирга ўтириб овқатланди.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 22 Oktyabr 2014, 17:17:18
ПАЙҒАМБАРЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИДАН
ПАЙҒАМБАРЛИК АЛОМАТЛАРИДАН
   Ҳандақ ковлашда бир ҳодиса рўй берди – мусулмонлар қаттиқ ҳарсангтошни парчалай олмадилар. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чўқмор билан бир урган эдилар, учқун порлаб унинг учдан бири бўлинди.
   “Аллоҳу акбар! Қайсар фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен қизил рангли қасрларни кўрмоқдаман” – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
   Кейин яна бир урдилар, яна учдан бири бўлинди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Аллоҳу акбар! Кисро фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен оппоқ қасрларни кўрмоқдаман!” – дедилар.
   Учинчи бора урдилар. Қолган учдан бир қисми ҳам бўлинди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Аллоҳу акбар! Яман фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен Санъо дарвозаларини кўрмоқдаман!” – дедилар.
   Ибн Абдулбарр айтадилар: “Батаҳқиқ Аллоҳ бандасига нусрат берди ва ваъдасини рост қилди. Оламларнинг Тарбиячисига ҳамдлар бўлсин!”

СЕНИ НИМА ЕТАКЛАБ КЕЛДИ, ЭЙ УМАЙР?
   Бадр ғазотидан кейин Сафвон ибн Умайя ибн Халаф Умайр ибн Ваҳбга агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдирса унинг қарзларини ўз бўйнига олишга, оиласини боқишга ҳамда унга туя беришга ваъда қилиб қурол яроғ билан таъминлади.
Умайр Мадинага келиб, қиличини таққан ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қасд қилиб масжидга кирди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу уни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб кирди.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Эй Умайр, сени бу ерга нима етаклаб келди?
-   Сизларнинг ҳузурингиздаги асир тушиб қолган яқинларимизни сўраб келдим – деди Умайр.
-   Ундай бўлса қилич не учун? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳ қиличларни йўқ қилсин! Мен бирон нарса қила олармидим? Мен етиб келганимда бўйнимга осиб олганим хаёлимдан кўтарилиб қолибди.
-   Сен нима учун келганингни рост айтяпсанми?
-   Мен фақат асирлар учунгина келдим.
-   Ундай бўлса Сафвон ибн Умайя билан ҳужрада нимага келишдинг?
Умайр қўрқиб кетиб:
-   Нимага келишибман? – деди.
-   Агар сен мени ўлдирсанг қарзларингни бўйнига олиб, оилангни боқишини келишиб олмадингми? Аллоҳ ўрталарингда бўлиб ўтган ҳолатнинг билгувчисидир, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидур! Сиз ҳақиқатан ҳам тўғри айтдингиз! – деди Умайр.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобга:
-   Биродарингизга Қуронни ўргатинг. Унинг асирларини озод қилинг – дедилар.
Умайр Маккага қайтиб бориб одамларни Исломга даъват қилди. Натижада у билан кўпчилик кишилар мусулмон бўлдилар.

ЗОЛИМНИНГ ЖАЗОСИ
Ривоят қилинишича Абу Жаҳл (Амр ибн Ҳишом) кунлардан бир кун:
-   Эй Қурайш жамоаси! Кўриб турганингиздек Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) динингизни айблади, илоҳаларингизни ҳақорат қилди, етук кимсаларингизни нодонга чиқарди, ота-боболарингизни сўкди. Мен Аллоҳга аҳд қиламанки – эртага унинг ёнида оғир тошни олиб ўтираман. Номозида сажда қилганида бошини мажақлаб ташлайман. Сизлар менга итоат қиласизми ёки қаршилик қиласизми барибир! Ана ундан кейин Абду Манофнинг уруғлари менга қўлидан келганини қилаверсин!
Эрталаб ўзи айтганидек тошни олди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирди. Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз одатларига кўра номозига эрта келдилар. Қурайшийлар ўзлари тўпланиб ўтирадиган жойларида Абу Жаҳл нима қилишини кутиб ўтиришди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага муборак бошларини қўйганларида Абу Жаҳл тошни кўтариб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон келди. Яқинларига борганида бирдан даҳшатдан қўрқиб ранглари ўзгарган ҳолда ортига қайтди. Қўлидаги тошни ташлаб юборди. Қурайшдан бир неча киши ўринларидан туриб унинг олдига бориб сўрадилар:
-   Сенга не бўлди, эй Абу Ҳакам?
-   Сизларга айтганимни қилиш учун ўрнимдан турдим. Энди у томон яқинлашган эдим, бир маҳал баҳайбат туя йўлимни тўсиб чиқиб мени еб юборай деди. Аллоҳга қасамки, бунақасини умуман кўрмаганман! – деди Абу Жаҳл.
Бу воқеа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   У – Жаброил (алайҳис салом). Агар яқинлашса, уни тутар эди, – дедилар.


КИСРО МУЛКИНИНГ ПАРЧАЛАНИШИ
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонасининг подшоҳларини Исломга даъват қилиб мактублар юборди. Улардан Нажжоший каби Исломга кирганлар ҳам бўлди, Рум қайсари (императори) каби Исломни тасдиқласа-да, қавмидан қўрқишлиги Иломга киришидан тўсганлар бўлди, Миср амири Мақсус каби чиройли жавоб берганлар бўлди.
   Уларнинг ҳаммаларидан фақат биттаси ўта сурбетлик ва беодобликда ажраб турди,  у – Форс кисроси (подшоҳи) Абрўз эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатларини йиртиб ташлаб:
-   Қандай қилиб мен билан хат ёзишади, у менинг қулим бўлса! – деди.
Расули акрам: “Эй Аллоҳим! Кисро менинг хатимни қандай қилиб парчалаб ташлаган бўлса, унинг мулкини ҳам шундай қилиб парчалаб ташлагин!” дедилар.
Аллоҳ таоло Абрўзга ўз фарзанди Шеруяни мусаллат қилиб қўйди. У отасини ўлдирди. Натижада Кисронинг мулки ўта хунук ҳолатда парчаланди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан бутун Ер юзининг ҳар томонидан завол топаверди.


АЛЛОҲ РАСУЛИНИ ДУШМАНЛАРНИНГ МАКРИДАН ЎЗИ САҚЛАЙДИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидда Каъбанинг ёнида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга ўтирган эдилар. “Ҳаммолатал ҳатоб” (“Ўтин ташигувчи”) Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида Қурон ояти нозил бўлганини эшитиб қўлида катта тош билан Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди.
Саййидимиз Абу Бакр разияллоҳу анҳу уни кўриб йиғлаб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлашининг сабабини сўраган эдилар, ҳолатни айтдилар.
-   Қўявер, у барибир мени кўрмайди, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умму Жамил яқин келганида Аллоҳ унинг кўзини пардалаб қўйди. У фақат Абу Бакрнигина кўриб:
-   Ҳой Абу Бакр! Дўстинг Муҳаммад қаерда қолди? Айтишларича у мени
حَمَّالَةَ الْحَطَبِ {المسد/4} فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ
деб ҳажв қилибди?! Аллоҳга қасамки, агар уни топиб олсам мана шу тош билан оғзига урар эдим! – деди. Сўнг ортига қайтиб кетди.

ЎЗ ҲОЛИГА ҚАЙТГАН ЕЛИН
   Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бизга ривоят қилади:
   “Уқба ибн Аби Муҳитнинг қўйларини боққувчи ўспирин ёш йигитча эдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу келиб:
-   Ташна бўлиб қолувдик, сизларда сут борми? – деб сўрадилар.
-   Мен омонатдорман. Сизларга сут бера олмайман, – дедим.
-   Сенда қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқ борми? – дедилар Пайғамбар алайҳис салоту вас-салом.
-   Ҳа, – деб қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқни икккалаларига олиб келдим.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни боғладилар ва елинини силаб менинг ақлим етмаган сўзлар билан Раббисига дуо қилдилар. Бир маҳал елин сутга тўлиб кетди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу чуқурчоқ тош топиб келиб, ўшанга сутни соғди. Ундан Абу Бакр ичди, мен ичдим ва Ул зот алайҳис салом ичдилар. Кейин елинга қараб:
-   Қисқар! – дедилар.
Елин яна ўзининг аввалги ҳолатига қайтди”.


БАРМОҚЛАРИНИНГ ОРАСИДАН СУВ ЧИҚҚАНИ
   Бухорий Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Аср намозининг вақти кириб қолди. Бизда идишда озгина ортиб қолганидан бошқа сув йўқ эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қўлларини тиқдилар. Бармоқларининг ораларини очдилар ва:
-   Таҳорат олгани келинглар! Бу – Аллоҳнинг баракаси! – дедилар.
Кўрдимки, бармоқларининг ораларидан сув чиқяпти. Одамлар таҳоратларини олдилар ва ичдилар”.
Жобирга айтдилар:
-   Ўша кун неча киши эдиларингиз?
-   Бир минг тўрт юз киши эдик, – деди Жобир разияллоҳу анҳу.


Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларга меҳрибонликлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам овчи тутиб олган кийикнинг олдидан ўтиб қолдилар. Кийик:
-   Эй Аллоҳнинг расули, елинларим тўлган. Икки боламнинг қорни оч қолган. Мени қўйиб юборсангиз, бориб иккаласини эмитиб Сизнинг ҳузурингизга келаман, кейин яна боғлаб қўясиз, – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
-   Бировларнинг овини, боғлаб қўйганлариния?
-   Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга албатта қайтиб келишимга Аллоҳнинг номидан аҳд қиламан! – деди кийик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Аллоҳнинг аҳдини олгач бўшатиб жўнатиб юбордилар. У эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмайелинларини бўшатиб қатиб келди. Жаноб алайҳис салоту вас-салом:
-   Бу кийик кимники? – деб сўрадилар.
-   Фалончиники, – дедилар.
Ўша кишидан кийикни совға қилишини сўраб олдилар. Кейин келган йўлига қўйиб юбориб:
-   Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сизлар билганчалик билсалар эди, ҳар гиз семиз нарса емас эдингиз.


АЖАБО! БЎРИ ГАПИРЯПТИ!
   Ривоят қилишларича Абу Суфён ибн Ҳарб ва Сафвон ибн Умайя ибн Халаф иккаласиМаккадан чиққан эдилар, кийикни қувиб кетаётган бўрига дуч келиб қолишди. Бўри энди етиб олай деган эди, кийик Ҳарамга кириб қолди. Бўри ортига қайтиб кетди. Абу Суфён:
-   Аллоҳ бизларга Ватан қилиб қўйган, Ер юзининг энг афзали бўлган, одамлар маскан қилган бу жой қандоқ ҳам яхшия! Эй Сафвон, кўрмадингми бўри нима қилганини? Энг қизиғи – қайтиб кетди.
Бўри тилга кирди:
-   Бундан ҳам ажойиби – Муҳамма ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб Мадинада туриб сизларни жаннатга чорлайди, сизлар эса у зотни дўзахга чорлайсиз!
Абу Суфён айтди:
-   Лот ва Уззога қасамки, мен бу воқеани Макка аҳлига айтиб берсам, у(Макка)нинг ўзини холи  ташлаб чиқиб кетамиз.
Шу мавзуда яна зикр қилишларича, Рофеъ ибн Умайра ибн Жобир қўй боқур эди. Қўйларига бўри бостириб келиб қўйларнинг каттасини олиб кетди. Рофеъ ундан қайтариб олмоқ учун қаттиқ уринди:
-   Ажабо! Бўри ҳамла қилганини олиб кетадия! – деди.
Ҳеч қанча муддат ўтмай бўри қайтиб келди ва:
-   Ундан ҳам кўра сенга ажабо! Менга Аллоҳ таоло берган ризқни тортиб олдинг! –деди.
-   Ажабо! Бўри гапиряпти! – деди Рофеъ.
Шунда бўри:
-   Яна ҳам ажаброғи – туҳматлардан пок инсон сизларни жаннатга чорласаю, сизлар уни рад этиб дўзахни хоҳлайсизлар!
Бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Ва ҳолонки Жаброил алайҳис салом келиб унинг нима қилганини айтиб берган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига кирганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга нима бўлганини айтиб бердилар. У имон келтириб, тасдиқ қилди.

КИЧКИНА ҚЎЗИЧОҚ
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хандақ ковлаётган эдик. Менда унча семиз бўлмаган кичикроқ қўзи бор эди. Мен ўзимча ўйладим: “Аллоҳга қасамки, бу қўзини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пишириб берсам эди!” деб ўйладим. Сўнг хотинимга буюрган эдим арпадан бир оз ун қилиб, нон ёпти. Мен эса қўзини сўйиб, пиширдим.
Кеч кириб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энди кетмоқчи бўлиб турган эдилар:
-   Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга қўй пишириб, бир оз арпа унидан нон тайёрлаб қўйдим. Шунинг учун мен билан бирга уйимга боришингизни хоҳлар эдим, – дедим.
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғиз ўзлари боришларини истаган эдим. Аммо жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларимни эшитиб “Хўп” дедилар-да, бир кишига “Юринглар, Жобирнинг уйига!” деб жар солдириб юбордилар. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!” – деб юбордим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан бирга келдилар. Тайёрлаб қўйган нарсаларимни олиб чиқдим. Жаноб (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасмия айтиб тановул қилдилар. Одамлар кира бошладилар. Бир қанча одам овқатланиб бўлиб туриб кетар, ўрнига бошқалар келар эди. Шу зайлда Хандақ аҳлининг ҳаммаси кириб чиқди. Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракаларидан эди.


Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракалари
Муҳаммад ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича Башир ибн Саъднинг қизи айтади:
“Онам – Равоҳанинг қизи Умра мени чақириб кийимимга бир ҳовуч хурмо солиб берди-да:
-   Қизалоғим, буни отангга олиб бориб бер, – дедилар.
Мен отамни излаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтдим. Жаноб алайҳис салоту вас салом:
-   Қани, қизалоғим, сендаги бу нарса нима ўзи? – деб сўрадилар.
-   Хурмо. Онам дадамга – Башир ибн Саъдга юбордилар. – дедим.
-   Менга бергин-чи? – дедилар алайҳис салоту вас салом.
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки кафтларига солдим, лекин ҳовучлари тўлмади. Сўнг бир кийимни ёзиб қўйишга буюрдилар. Кейин хурмони унинг устига сочиб, ёйиб қўйдилар-да, ёнидаги одамга:
-   Хандақ аҳлини чақир, нонушта қилиб олсинлар, – дедилар.
Хандақ аҳли тўпланиб келиб хурмони ея бошладилар. Хурмо Хандақ аҳлининг ҳаммаси еб бўлгунларича кўпайиб, кийимнинг атрофидан тошаверди.


ШЎРИНГ ҚУРГУР АБУ СУФЁН! ФУРСАТ КЕЛМАДИМИ?
Абу Суфён ибн Ҳарб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан омонлик сўраганларида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббос разияллоҳу анҳуга уни тонггача чодрасида олиб ўтиришликка буюрди. Аббоснинг равоғига етиб келганда бўлган ишлардан надомат қилиб, ўзича ўйлади: “Нима қилиб қўйдим? Ўз қўлим билан шундай қилиб топшириб қўйдим-ку?! Унинг ўрниг а Аҳбошлар ва Кинонани тўплаб, ўшаларга уни ташлаб берсам уни ҳор қилармидим...”
Шу пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳужраларида ўтирган ҳолда нидо қилдилар:
-   Эй Абу Суфён! Унда Аллоҳ хор қилур эди!
Абу Суфён:
-   Эй Аббос, мени укангнинг ўғлининг олдига олиб бор! – деди.
Аббос разияллоҳу анҳу:
-   Шўринг қурсин, эй Абу Суфён! Фурсат келмадими?! – дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди.
-   Эй Алллоҳнинг расули! Менинг кўнглимда бир гумон бор эди. – деди Абу Суфён, -  Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва албатта Сиз Аллоҳнинг расулисиз

БИЗ СЕН УЧУН МАСХАРА ҚИЛГАНЛАРГА КИФОЯ ҚИЛАМИЗ
Бу тўғрида Аббос ибн Абдулмутталиб шундай деб айтиб беради:
“Бир куни масжидда турсам Абу Жаҳл келиб:
-   Аллоҳга қасамки, Муҳаммадни (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) сажда қилган ҳолатида кўрсам бўйнини тепалаб ташлашни ўз зиммамга оламан! – деб қолди.
Мен Абу Жаҳлнинг хабарини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказдим. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазаблари келиб масжидга келдилар. Дарвозадан ичкари кириб, Алақ сурасидан Абу Жаҳл ҳақидаги “Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади!” оятидан суранинг охиригача ўқиб сажда қилдилар. Бир киши Абу Жаҳлга:
-   Эй Абул Ҳакам, ана Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сажда қилиб турипти! – деди.
Абу Жаҳл яқин келдию, дарҳол ортига қайтиб кетди.
-   Нега айтганингни қилмадинг? – сўрадилар.
-   Ўртамизда оловли чуқурни кўриб қолдим! – жавоб берди Абу Жаҳл.

ҲИЖРАТ АСНОСИДАГИ МЎЗЖИЗАЛАР
Ҳижрат асносида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соҳиби Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга дам олгулик ва егулик нарса истаб Умму Маъбаднинг уйига тушдилар. У деҳқончилик ва чорвачилик унумсизлиги, ернинг қақирлиги ва ҳосилнинг камлигидан қийинчиликда яшар эди. Гўштми, хурмоми ёки сутми бўлса тақдим қилишини сўрадилар.
-   Аллоҳга қасамки, бирор нарсамиз бўлса қизғонмас эдик, - деди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳовлига боқиб ориқлиги ва нимжонлиги билан бошқа қўйлардан ажралиб турган қўйни кўрсатиб:
-   Манавининг сути борми? – деб сўрадилар.
-   Бунинг ундай нарсаларга ҳоли ва мадори йўқ, - деди кампир.
-   Уни соғиб кўришга рухсат берасанми? – дедилар жаноб.
-   Аллоҳга қасамки, унинг тузук-қуруқ эти ҳам йўқ. Шунга қарамай соғиб кўрмоқчи бўлсангиз ўзингиз биласиз, соғиб кўраверинг.
Жаноб алайҳис салоту вас салом муборак қўллари билан орқаси ва елинини силаб Аллоҳнинг номини зикр қилдилар. Сут тўлиб кетди. Кўпчилик ичадиган бирор идиш сўрадилар. Сўнг сутни соғдилар. Сут шоввиллаб, тўлиб-тўлиб оқар эди. Сутни кампирга тақдим этди. Кампир тўйгунича ичди. Кейин ўша жойда ҳозир бўлганлар ҳаммалари тўйгунларича ичдилар. Охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тўйиб ичдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадамлари бу маҳалла аҳлига миннатдорчилик башорати ва барака бўлиб, ёмғир ёғди. Ўсимликлар кўкариб ҳосил мўл-кўл бўлди. Бу юртга жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак исмларини қўйдилар.

ЁҒОЧ ТАЁҚ ҚИЛИЧГА АЙЛАНДИ
Уккоша ибн Муҳсин ибн Ҳарсон ал-Асадий Бадр куни токи қўлидаги қиличи синиб кетгунга қадар жанг қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган эди ёғочдан бўлган таёқ бердилар ва:
-   Эй Уккоша, энди мана бу билан жанг қил! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олиб силкитган эди, қўлидаги таёқ узун, ўткир тиғли, тоза пўлатли қиличга айланиб қолди. Бу қилич билан Аллоҳ таоло мусулмонларга зафар бергунига қадар жанг қилди.
   Ўша қилич “мададкор” деб номланди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган барча ғазотларда доимо олиб юрди. 

БУ ҚЎЙ ГЎШТИГА СЕН ЗАХАР СОЛДИНГМИ?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғонлардан иборат бўлган Хайбарни фатҳ қилдилар. Зайнаб бинту Ҳорис исмли аёл захар солинган қўй гўштини тақдим қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гўштдан бир тишладилар, саҳобаларининг ҳам айримлари едилар. Шунда ҳазрат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Қўлларингизни тортинглар! – деб, ҳалиги хотинни чақириб келгани одам юбордилар. У аёл келгач:
-   Сен захар солдингми мана бу қўй гўштига? – деб сўрадилар
-   Сенга ким билдирди? – сўради аёл.
-   Қўлимда турган манави қўй гўштининг қўл қисми, – дедилар алайҳис салоту вас салом.
-   Ҳа. Мен “Агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса унга зарар қилмайди. Мабодо пағамбар бўлмаса – ундан қутуламиз” дедим.
   Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша аёлни авф қилиб юбордилар


КИСРО ЛИБОСЛАРИ
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзининг соҳиби Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилиб чиққанларида Суроқа ибн Моликка йўлиқиб қолдилар. Қурайш Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни тутиб келган ёки қаердалгини айтган кишига юзта туя беришни эълон қилган эди.
   Расули карим саллаллоҳу алайҳи ва саллам Суроқага:
-   Ҳой Суроқа, Кисро либосларини кийсанг қандай бўлардинг?
Суроқа эсанкираб қолди ва:
-   Армаз ўғли Кисронинг либосиними? – деб сўради.
   Шу лаҳзада Суроқанинг кўнглидан нималар кечганини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ҳолбуки унинг рўпарасида турган инсонни қавми қувиб, ўз юртидан ҳижрат қилиб чиқиб кетган бўлсаю, шу  инсон Кисродан ғалаба қилиш ҳақида сўзлаяптими? Аммо Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб забондан, Аллоҳнинг ваъдаси билан тасдиқланган забон билан сўзлаётган эди.
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалиги даврида Форснинг ўлжалари келиб, масжидда мусулмонларнинг рўпарасига ташланди. Умар (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суроқага айтган сўзларини эслади. Ўлжалар орасидан Кисронинг либосини излаб топди. Сўнг:
-   Ораларингизда Суроқа ибн Молик борми?
-   Ҳа, – дедилар. Суроқ ўрнидан турди. Умар (разияллоҳу анҳу) унга Кисро либосини берди ва:
-   Мана буни кийиб, минбарга кўтарил ва қўлингни юқори кўтариб “Аллоҳ ва Унинг расули рост сўзлайди!” деб айт! – дедилар.

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ САҲОБАЛАРГА АЙТГАН БАШОРАТИ
   Хубоб ибн Арт олов ва қиздирилган темир билан азобланар эди. Расул саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг соясида қўлларини муборак бошларининг остига қўйиб ётганларида ҳузурларига келиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга биз учун дуо қилмайсизми? – деди.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб кетган ҳолларида ўтириб олдилар ва:
-   Сизлардан аввалгиларни гўштлари титилиб суяклари чиққунча темир тароқ билан тирнаб жароҳатлар эдилар, лекин бу нарса уларни динидан қайтармас эди. Бошларининг ўртасидан арра солиб ёриб ташалашар эди, бу ҳам уларни динидан қайтара олмас эди. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло бу (дин) ишини шундай ғолиб қиладики, отлиқ киши Санъодан Ҳазрамавтгача Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолда (хотиржам) етиб боради.


НУБУВВАТДАН АВВАЛГИ МЎЪЖИЗА
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликдан аввал амакиси Абу Толибнинг доимий хизматида эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кичкина болалик пайтлари эди. Аббос разияллоҳу анҳу укаси Абу Толибдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволидан бирон нарса айтиб беришини сўраса айтар эдики, овқатланишдан аввал Аллоҳнинг номини айтар, қоринлари тўйгач Аллоҳга ҳамд айтар эдилар, ҳолбуки улар бундай қилмас эдилар.
Бир кеча арабларнинг одатларига кўра ҳарорат юқорилигидан ухлашдан олдин кийимини ечиб ётишга буюрди. Бу нарса ёқмасада, хилофлик ила рад қилмадилар ва амакисига:
-   Кўзингизни мендан бошқа томонга буринг, менга бирор кимса қарашлиги дуруст эмас! – дедилар. Сўнг ухладилар.
Абу Толиб айтади: “Аллоҳга қасамки, иккаламизнинг орамизда шундай бир кийимни кўрдимки, ҳарирдан ҳам майинроқ, ҳиди мушкдан ҳам кўра хушбўйроқ эди. Билмадим, бу кийим қайдан келди экан?!”
                                                                                                           

АБУ ТАЛҲА ВА БИР ҲОВУЧ АРПА
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ансорлардан Абу Талҳа хотини Умму Салимга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заиф овозларини эшитдим. Зифлигидан қорни очлигини сездим. Бирор нарсанг борми? – деди.
-   Бор, – деб бир ҳовуч арпа олиб хамир қорди ва бир андагидан нон ёпди. Кейин қолганини кийимимнинг остига ўраб қўйиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига юбордилар.
Бордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мажидда ўтирган эканлар. Атрофида одамлар. Уларнинг рўпарасига бориб турдим.
-   Абу талҳа жўнатдими? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳа, – дедим.
-   Овқатми? Сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳа, – дедим яна.
-   Туринглар! – деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни етаклаб йўлга тушдилар. Мен уларнинг олдларига тушиб бордим-да, бориб Абу Талҳага хабар бердим. У хотинига:
-   Эй Умму Салим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан келаяпти эканлар. Бизда уларга еткулик овқат йўқ-ку!? – деди.
-   Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ! – деди Умму Салим.
Абу талҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пешвоз чиқиб кутиб олди ва бирга кирди.
-   Қани, Умму Салим. Нима егулигинг бўлса келтир-чи! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умму Салим бояги нонни олиб кирди. Идишдаги сарёғдан қуйиб, нонга суротиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча сўзларни айтдилар ва:
-   Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Ўн киши кириб тўйгунларича тановул қилиб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:
-   Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Яна ўн киши кириб тўйгунларича тановул қилиб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:
-   Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Шу зайлда одамлар ҳаммалари кириб тўйгунларича тановул қилдилар.
Улар етмиш ёки саксон нафар эдилар”.

ЮЗИНГ ҚУРСИН!
   Фотима разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йиғлаган ҳолда кириб келдилар.
-   Қизгинам, нега йиғламоқдасиз! – сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Отажон! Нега йиғламайинки, Қурайшнинг анави жамоаси Каъбада йиғилиб Лот, Уззо ва Манот билан онт ичиб, агар Сизни кўришса Сизга ҳамла қилиб қатл қилишликка аҳд қилишди. Улар ҳаммаси қонингизга ташна бўлиб туришибди, – деди Фотима разияллоҳу анҳо.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Қизгинам, таҳорат олишга сув олиб келинг, – дедилар. Сўнг таҳорат олиб масжидга чиқдилар. Улар жанобни кўриб:
-   Ана у! У шу ерда! – дейишди.
Сўнг бошларини хам қилишиб, бўйинларини эгишиб қолишди. Нигоҳларини ҳам кўтара олмай қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳовуч тупроқ олиб уларга сочиб юбордилар. Сўнг:
-   “Шоҳат ал-вужуҳ!” (Юзларинг қурсин, дабдала бўлсин!) – дедилар.
Кимгаки тупроқ етиб борган бўлса, Бадр кунида кофир ҳолида ҳалок бўлди.

ОДАТДАН ТАШҚАРИ МЎЪЖИЗАЛАР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан ишора қилганларида осмондаги ой икки бўлакка бўлиниб кетди. Макка аҳли Ҳирони икки шуъла орасида қолганлигига гувоҳ бўлдилар. Абу Жаҳл эса аҳмоқлиги туфайли мўжизани сеҳрга чиқарди.
Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сафардаги йўловчиларга хабар жўнатинглар! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжилари ҳақ эканлиги ҳақида хабарлар тарқади.
   Яна бир мўъжизалари – бир аъробий ҳидоятга сабаб бўлгувчи мўъжиза сўради. Шунда унинг талабига кўра дарахт ўрнидан қўзғолиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб салом берди. Рўпарасида тўхтаб Ул зотнинг пайғамбарлигига ва Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига гувоҳлик берди. Сўнг бир ишоралари ила ўз ўрнига қайтиб кетди.
   Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Уларнинг оёқлари тошларга қўрғошин билан маҳкам қилиб ўрнатилган эди. Макка фатҳ қилинган йили Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги асо билан ўша бутларга ишора қилдилар – ишора туфайли бутлар юзлари билан ва орқалари билан ағдарилиб тушишди.
   Уҳуд ғазоти куни Қатоданинг кўзига шикаст етиб лунжигача осилиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари билан кўзи жойига қайтарилди, ҳатто аввалгидан ҳам авлороқ бўлди.
   Хайбар фатҳи куни саййидимиз Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг кўзларига дам солдилар, кўзининг оғриғи бутунлай оғримаган каби  шифо топди.
   Ханақ ғазоти кунида ибн Ҳакамнинг бир қўли синди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам дам солдилар, шу заҳотиёқ тузалди, ҳатто оғриқ ҳам сезмади.

АЛЛОҲ СИЗНИ ИНСОНЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
   Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам  фузола ибн Умайр ибн Малул ал-Лайсий билан кетаётган эдилар. Фузола ўзича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришни қасд қилиб борар эди. Шунда жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Кўнглингдан нима ўтяпти? – деб сўраб қолдилар.
-   Ҳеч нарса. Мен Аллоҳни зикр қилиб кетаётган эдим, - деди у.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар-да:
-   Сен учун Аллоҳга истиғфор айтаман, - деб муборак қўлларини унинг кўксига қўйдилар.
Фузола: “Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб олмасларидан аавал мен учун ер юзида Ул зотдан кўра маҳбуброқ кимсани топа олмай қолдим” деб айтиб юрар эди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 24 Dekabr 2014, 10:01:13
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
САБР
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اصْبِرُواْ وَصَابِرُواْ وَرَابِطُواْ وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз”
САБР
   Имон инсонда ирода қувватини пайдо қилади. Сабр эса уни қалбларда сайқаллайди ва нафсда хотиржамликни ҳосил қилади. Қўрқинч ва безовталикдан бемор бўлиб, асари нафсдан жисмгача етиб борган ва жасадни ҳам ҳаёт сўқмоқларининг ташвишларидан иллат ва касалликларга мубтало қилган қалб хасталикларини даволайди.
   Аллоҳ таоло ишларнинг зоҳиригина эътиборли бўлавермаслиги, балки, Аллоҳ таолонинг иродаси гоҳо бизларга манфаъати кўринмай турган бўлса-да, яхшиликларда бўлишини баён қилиб:
وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
“Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз” деган (Бақара сураси, 216-оят). Мўминларни тасарруфотда мўътадилликка, фойдали ва зарарли ҳолатларда сабрга чорлаган. Торчилик ва машаққат сўнггида албатта енгиллик бўлажагини баён қилган:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً
“Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар)
Сабр фаришталар ва тилсиз ҳайвонлардан фарқли ўлароқ инсонларгагина хос бўлган сифат эрур. Негаки, Аллоҳ таоло ҳайвонларга шаҳватни ато қилди, лекин майл ва истакларни жиловловчи ақл бермади. Фаришталарга эса ақл берди, бироқ Аллоҳнинг тоатидан чиқаргувчи шаҳватни бермади.
Инсонни яратишда эса ақлни ҳам, унга қўшиб шаҳватни ҳам берди. Кимнинг ақли шаҳватининг устидан ғолиб бўлса, нафсининг майл ва истакларини жиловласа, демак у – ерда юрган фариштадур. Аксинча, кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келиб нафси ва ҳавосига тобеъ бўлса, демак у ҳайвон кабидур, балки ундан ҳам адашганроқдур.
Аллоҳ таоло айтади:
وَالَّذِينَ صَبَرُواْ ابْتِغَاء وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُواْ الصَّلاَةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلاَنِيَةً وَيَدْرَؤُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُوْلَئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ * جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ وَالمَلاَئِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِم مِّن كُلِّ بَابٍ   * سَلاَمٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ *
“Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир. Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!!!» (дерлар)”
Сабрнинг навлари бор:
-   тоат ва вожиботларни адо қилишликка сабр қилиш;
-   дунёнинг ҳаром лаззатлари ва кўнгил хоҳишларининг муҳаббатига сабр қилиш;
-   ҳаёт мусибатлари ва кўргуликларининг нохушлигига, Аллоҳ таолонинг қазо ва тақдирига рози бўлиб қаноат билан сабр қилиш;
-   аллоҳ йўлида ва ҳақ йўлда жаҳд қилишга сабр қилиш.
Ислом дини мусулмонларни ҳар бир ҳолат учун сабр қилишга буюради. Чунки сабр вазминлилик ва чидамлиликнинг интиҳосидур.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни муқаддас динимиз юксаклиги учун қийинчиликларга сабр қилиб, машаққатларни енгиб ўтган солиҳ зотлар каби фоний дунё муҳаббатидан халос бўлган, ҳақ ва иззат йўлида, каромат йўлида фидойи бўлган сабрли мўминлардан қилсин.


ҚУРАЙШНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ЕТКАЗГАН ОЗОРЛАРИ
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Байтул Ҳарамда Абу Жаҳл ва унинг асҳоби ўтирган, бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик. Бир кун аввал ҳайвон сўйилган эди. Абу Жаҳл:
-   Ким фалончи сўйган ҳайвоннинг ичак-чавоғини олиб келиб Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) сажда қилганда унинг елкасига ташлаб қўя олади? – деди.
Одамлар ичидан бир бадбахт кимса ўрнидан туриб ичак чавоқни олиб келди. Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага борганларида муборак елкаларига ташлаб қўйди. Сўнг бир бирига ишора қилиб кулиша бошлашди. Мен кўриб турдим, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларини саждадан кўтармай, туриб қолдилар. Кимдур Фотима разияллоҳу анҳога бориб хабар берди. Фотима разияллоҳу анҳо шошилиб келиб ичак чавоқни олиб ташладилар. Уларга қарадилар ва сўкдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини адо қилиб бўлгач овозларини кўтариб уларни дуо қилдилар. Одатларига кўра дуо қилсалар уч марта дуо қилар, сўрасалар уч марта сўрар эдилар. Бу сафар ҳам уч бора:
-   Эй Аллоҳ, Қурайшни Ўзингга топширдим! – дедилар.
Дуони эшитиб қўрқиб кетганларидан кулгиларидан тўхтаб қолишди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Аллоҳ, Абу жаҳл ибн Ҳишом, Уқба ибн Робиъа, Шайба ибн Робиъа, Валид ибн Уқба, Умайя ибн Халаф ва Уқба ибн Абу Муъитни Ўзингга топширдим! – дедилар.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақлик билан жўнатган Зотга қасамки, ўша номи айтилганлар Бадрда ҳалок бўлишгани ва Бадрдаги чоҳга ташланганларини кўрдим”.


ТОИФ ВОҚЕАСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси Абу Толиб вафот этиб, мушрикларнинг озор ва жафолари яна ҳам ортиб кетгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёрдам ва ҳимоя илинжида Макканинг шарқий томонидаги Тоифга бордилар. Бироқ тоифликлар бира тўла рад қилиб, инкор қилдилар. Барча озор ва жафоларга Аллоҳ йўлида сабр қилиб, уйларига қайтгунича ўн кун туриб қолдилар. Уларнинг рисолатни инкор қилишдан қайтмасликлари ва азиятни яна ҳам зиёда қилишларини кўриб, йўлга отландилар ва Маккага бу хабар етиб борса улардан келадиган фитна яна ҳам ортмасин деган хавфда уларга:
-   Агарчи сизлар бош тортсаларингиз ҳам, менинг келганимини ҳеч кимга билдирмай туринглар, – деб илтимос қилдилар. Бироқ улар кўнмадилар, балки ўз ораларидаги аҳмоқ кимсалрга буюришиб, йўлларини тўсиб сўкинтирдилар ва тошлар оттирдилар.
Ҳамроҳ бўлиб келган Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бундай оғир вазиятда қанчалар мудофаа қилмасин, улардан анча талофат етиб келди. Зайд разияллоҳу анҳунинг боши ёрилди, Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак оёқларидан ерга қонлар оқиб тушди.
Ниҳоят улардан узоқлашиб тўхтаганларидан сўнг Раббисигагина шикоят қилиб: “Эй Аллоҳ! Сенга мадорим қуригани, чорасиз қолганим ва одамлар орасида обрўсиз бўлганимдан шикоят қиламан. Эй меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот! Сен заифларнинг Тангрисисан. Сен менинг Тангримсан. Мени кимларга ташлаб қўйдинг? Менга қарши тургувчиларгами ёки амримни етаказа олмаган душманларимгами? Агар менга Сенинг ғазабинг бўлмаса булар менга писанд эмас! Лекин офият ва кенглик сўрайман. Зулумотларни ёритган, дунё ишларини ислоҳ қилган важҳинг нурлари ҳурматидан Сендан паноҳ сўрайман – менга ғазабингни нозил қилмагин, қаҳрингни юбормагин! Сен нимага рози бўлсанг мен ҳам ўшанг рози бўлдим. Ла ҳавла ва ла қуввата илла бика” деб дуо қилдилар.
Робиъанинг ўғиллари Утба ва Шайбанинг кўнгилларида меҳрибонлик туйғулари пайдо бўлиб Уддос исмли насроний хизматкорларига бир шингил узум бериб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига жўнатишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам узумга қўл узатар экан “Бисмиллаҳ” дедилар ва тановул қилишни бошладилар. Бу ҳолатни кўриб турган Уддос ҳайрон бўлиб:
-   Бу юрт аҳолиси бу каломни айтишмас эди? – деди.
-   Сен қайси юртдансан, қайси диндасан? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Насроний динидаман, Найнаводанман, – жавоб берди Уддос.
-   Солиҳ инсон Юнус ибн Мутонинг қишлоғиданмисан? – дедилар.
-   Юнус ибн Мутони қаёқдан биласиз? – деди.
-   У киши менинг биродарим бўлади. Пайғамбар эди, мен ҳам пайғамбарман, – дедилар.
   Уддос яқин келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқ ва қўлларини ўпди. Робиъанинг ўғиллари бири иккинчисига:
-   Хизматкоринг аҳмоқлик қилди-да! – деди. Уддос уларнинг ёнига келгач:
-   Ҳой шўринг қурғур, нима қилиб қўйдинг?! – дейишди. Уддос:
-   Ер юзида бу кишидан кўра яхшироқ киши йўқ, – деди.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса билан отланиб, Макка томон йўлга тушдилар.


МАШАҚҚАТГА САБР
   Кунлардан бир кун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотимайи Заҳро разияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар ва:
-   Ўғилчаларим қани? – деб Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима разияллоҳу анҳо жавоб бердилар:
-   Эрталаб турсак уйимизда тотигулик нарса қолмабди. Аллоҳ таолога ҳамдлар айтдик. Али менга “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилишиб қолмасин” деб иккаласини олиб яҳудийникига кетди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга юзландилар. Борсалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришибди. Ёнларида бир қанча хурмо. Ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми? – дедилар.
-   Эрталаб турсак уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Эй Аллоҳнинг Расули! Бир оз ўтириб турсалар Фотимага ҳам хурмо тўплаб олардим, – деди Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб турдилар. Али разияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан  ва Ҳусайнлар билан уйга қайтдилар.
Фотима разияллоҳу анҳо мана шундай машаққатли ҳаётга чидамли бўлиб чиройли сабр қилар эди. Аллоҳ таолога кўплаб ҳамдлар айтар эди. Ҳаётидан мамнун, турмушидан рози эдилар.


АЛЛОҲДАН БОШҚАГА ШИКОЯТ ҚИЛМА
   Аҳнаф ибн Қайснинг жияни келиб, бошига етган кулфатдан шикоят қила бошлади. Аҳнаф юз ўгириб олди. У яна бир неча бор шикоятини бошлади, ҳар сафар юз ўгириб олаверди. Ниҳоят жиянига қараб:
-   Эй жияним, қачон сенга бир мусибат етса, шикоятингни ҳожатингни чиқаришга молик бўлган Зотгагина айтгин. Бандасига шикоят қилма! Чунки инсонлар сен учун икки тоифа бўлади – ё дўстинг бўлади, унинг дилини оғритасан. Ёҳуд душманинг бўлса, димоғини чоғ қиласан, – деди. Сўнг  одамларга юзланиб: – Аллоҳга қасамки, қирқ йилдан буён шу икки кўзимнинг биттаси умуман кўрмайди, аммо шунча йилдан бери буни хотиним ҳам, оила аъзоларим ҳам билишмайди. – деди.


МЎМИННИНГ САБРИ
   Урва ибн Зубайрнинг оёғи саратон касалига дучор бўлди. Касаллик тананинг бошқа аъзоларига ҳам жиддий зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун оёғини кесишга тўғри келиб қолди.
-   Сизга уйқу дори берамиз. Жарроҳлик пайтида оғриқнинг зўридан қўлимиздан чиқиб кетмаслигингиз учун манави кишилар Сизни ушлаб туришади, – дейишди жарроҳлар.
Урва ибн Зубайр эса ҳақиқий сабрли мўминлик забони билан:
-   Бу кишилар мени ушлаб туришларининг ҳожати йўқ. Мен ўзим бир амаллаб оламан, – деб оёғини узатди. Табиб жарроҳликни бошлаб фасод бўлган аъзони кесиб, арра суягига етгунича ҳам Урва сабот била қимир этмай турди. Сўнг зайтун мойини қиздириб кесилган жойга суртиб қўйдилар. Урва ибн Зубайрнинг юзларида ва чеҳраларидан оғриқ аломатлари сезилмади. Бирор марта ҳам “оҳ” деб қўймади.
   Табиб ишини энди тамомлай деб турган эди ҳамки, бир киши келиб унга бардош изҳор қилди.
-   Оёғим учун бардош тилаётган бўлсанг, енгилгина қутулиб олдим, – деди Урва.
-   Йўқ, оёғингиз учун эмас, ўғлингиз учун бардош тиламоқдаман. Ўғлингиз ҳозирроқда тепаликдан йиқилиб тушди. Сўнг ҳайвонлар унга ҳамла қилиб ҳалок қилишди, – деди кирган киши. Урва эса бунга жавобан:
-   Эй Аллоҳ! Дардга мубтало қилган эдинг, мана шифо топдим. Фарзандимни олган бўлсанг ҳам, мени қолдирдинг, – деб қўйди холос.

САБР – МУШКУЛОТЛАР КАЛИТИ
   Абу Салама разияллоҳу анҳу маккадан Мадинага ҳижрат қилишга азм қилганида турмуш йўлдоши Умму Саламага туясини тайёрлади ва унга миндириб, ўғиллари Саламани қўлига тутқазиб қўйди. Кейин туяни етаклаб йўлга чиқди. Йўлда учраган Умму Салама разияллоҳу анҳонинг қавмидан бўлган бани Муғира кишилари Абу Саламага:
-   Бу бизга оғир ботяпти. Биз бу қизимизни шаҳарма-шаҳар саргардон бўлиб кезиб юрсин деб берганмидик?! – деб қўлидан тизгинни тортиб олишди ва Умму Саламани олиб қолишди.
Умму Салама айтади:
   “Бу ҳолатдан ғазабланган Абу Саламанинг қариндошлари бани Абдул Асад:
-   Аллоҳга қасамки, аёлларини биздан тортиб олибдими, биз ҳам болани уларнинг қўлида қолдирмаймиз! – дейишди. Кичкина Саламани отасидан тортиб оламиз деб ҳатто қўлини ҳам чиқариб олишди. Мени эса бани Муғира қавми олиб қолди. Эрим Мадинага ҳижрат қилиб кетди. У бир томонда, мен бир томонда, ўғлимиз бошқа бир томонда фироқда қолдик”.
Умму Салама ҳар куни эрталаб чиқиб то кеч киргунча йиғлар эди. Орадан бир йига яқин вақт ўтди. Ниҳоят амакисининг фарзандларидан бирининг кўнгли эриб шафқат қилди ва қавмга бориб:
-   Манави бечора мискин аёлни чиқариб юбормайсизларми? Ахир боласидан ва эридан айриб қўйдиларингиз? – деди. Шунда Умму Саламага:
-   Майли, агар хоҳласанг эрингнинг олдига боравер – дейишди. Бани Абдул Асаднинг қавми ҳам инсофга келиб боласини қайтариб берди.
Умму салама разияллоҳу анҳо ўғилчаси билан бирга мадинага ҳижрат қилди. Турмуш йўлдоши Абу Салама разияллоҳу анҳу шаҳид бўлгандан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз никоҳига олди. Натижада шунча машаққатлардан сўнг мўминларнинг онасидек улуғ маптабага мушарраф бўлди
   
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 14 Yanvar 2015, 11:33:58
بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ШИЖОАТ

   Одамлар шижоатни шарафлаб келган. Ахлоқ ва одоб фалсафасига кўра шижоатнинг фазилати киши учун энг зарурий инсоний фазилатлардан саналади. Шижоат бизнинг тасаввуримизга кўра ақлга таянган ҳолда бира тўла ҳиссиётларга берилиб кетмаслик ва қўрқоқ одам жонини сақлаб, ҳаётини асраб қолиш учун ҳар қанча хорлик ва пасткашликларга рози бўлган қўрқоқлиги орасида бўлади. Ҳар қандай жирканч ва қабоҳатдан тап тортмасликка олиб келадиган тентаклик билан қабоҳат ва адоватни тақозо қилмайдиган ғазаб туйғулари ораси – шижоат бўлади.
   Шижоатнинг фазилати улуғланиши ва юксак баҳоланиши шунинг учунки, шижоат шунчаки фойда ва манфаъатлар мажмуъасигина эмас. У ҳаёт тарзида ҳар қанча манфаъатларга сабабчи бўлса-да, унинг қиймати фақат амал билангина баҳоланади. Чунки шижоат ҳар қандай мағлубият ва чекинишларга дуч келса-да, токи унинг соҳиби зафар ва нусратга етмагунча ўз мақомидан тушмайди.
   Шижоат бизларни фойдали амалларга чорлайди. Унинг бошқа амаллардан афзаллиги у сабабли келадиган фойда ва манфаъатлар давомли бўлишидир. Шижоатли инсон яхши амалларда ҳамиша бардавом бўлади. Чарчаб, тўхтаб ёки оқсаб қолмайди.
   Шижоат ҳам имондандур. Шунинг учун ҳам Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шижоатда умматига ҳамиша намуна бўлганлар.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Қачонки бирор қавмга рўпара келиб, вазият оғирлашса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳтиёт қилсак-да, ҳеч ким душманга Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва салламчалик яқин бўла олмас эди”. Яна айтадилар: “Бадр куни ҳам биз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни беркитишга қанча ҳаракат қилмайлик, душманга яқинлашиб бораверардилар. Ўша куни жасоратда ҳаммага ибрат бўлдилар”.
Имон инсонни ибтидосида ҳам, ҳаёт давомида ҳам ҳар қандай ҳолатда дунёга берилмасликка ва нафсига эргашмасликка чорлайди.
Имон юксак шижоат тухфа қилганлигининг самараси ўлароқ Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) деган номга мушарраф бўлган улуғ саҳобий Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу юзта ғазотда иштирок этиб, баданида қилич ёки найза тиғи тегмаган жой қолмаган. Бироқ тўшагида ётиб вафот қилар экан “Қўрқоқларнинг кўзлари кўрмай қолсин!” – деган.
Имон саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга “Сен ўлимга интилсанг сенга ҳаёт ёр бўлур” деган абадий насиҳатни илҳом қилган.
Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбини ҳам имон билан собит қилди:
الَّذِينَ قَالَ لَهُمُ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُواْ لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ فَزَادَهُمْ إِيمَاناً وَقَالُواْ حَسْبُنَا اللّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ {آل عمران/173}فَانقَلَبُواْ بِنِعْمَةٍ مِّنَ اللّهِ وَفَضْلٍ لَّمْ يَمْسَسْهُمْ سُوءٌ وَاتَّبَعُواْ رِضْوَانَ اللّهِ وَاللّهُ ذُو فَضْلٍ عَظِيمٍ {آل عمران/174}
“Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”


МЕНДАН ҚЎРҚМАЙСАНМИ?
Бани Маҳориб қавмидан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида йўлга чиқди. Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличини ёнига қўйиб ўтирган эдилар.
-   Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қара, мана бу сенинг қиличингми? – деди ҳалиги киши.
-   Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
У қилични қинидан суғуриб олиб ҳавода ўйната бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилиш учун яқинлашмоқчи бўлди, бироқ Аллоҳ азза ва жалла унинг қадамларини тўхтатиб қўйди. Ҳар чанд интилса-да, яқинлаша олмади.
-   Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мендан қўрқмайсанми? – деди.
-   Йўқ. Сендан қўрқмайман, – дедилар Сарвари коинот.
-   Қўлимда қилич турган бўлса ҳам қўрқмайсанми?
-   Ҳа. Аллоҳ Ўзи мени сендан ҳимоя қилиб олади.
У киши иложсиз қолди ва қилични Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб топширди. Бу воқеа Зотур риқоъ ғазотида содир бўлган эди. Ушбу ибратли қиссада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шижоатлари, саботлари ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўлган имонларининг нақадар бақувватлиги ёритилган.

ҚАРИНДОШЛИК ҲАМИЯТИ
Абу Жаҳл сафода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтар экан, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди ва яна бир қанча нолойиқ бўлган сўзларни айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нарса демадилар.
Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг хонимаси яқин жойда эди, бу сўзларни эшитиб турди.
Абу Жаҳл Каъбага – Қурайш жамоаси тўпланадиган жойга борди ва улар билан бирга ўтирди. Бир маҳал Ҳамза ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу овдан қайтар экан, ҳайбат солиб келиб қолди. Ҳамза одатига кўра қачон овдан қайтса токи Каъбани тавоф қилмасдан туриб уйига кирмас эди. Шунингдек Қурайш жамоаси тўпланган жойдан салом бериб бир икки оғиз сўз қотиб ўтар эди. Ҳамза разияллоҳу анҳу Қурайшнинг обрўли йигитларидан ва моҳир чавандоз эди. У Абдуллоҳнинг хонимининг ёнига етганида аёл:
-   Ҳой Амморанинг отаси! Абул Ҳакам ибн Ҳишом ҳозиргина сенинг жиянингни қандай камситганини кўрсанг эди! Анави ерда ўтирган эди, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди. Яна анча мулзам қилди. Аммо Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир оғиз ҳам сўз айтмай уйига жўнаб кетди, – деб бор гапни айтиб берди.
Шу пайт Аллоҳ таолонинг лутфу карами ила Ҳамзанинг бу ишдан ғазаби қўзиб кетди. Шошилиб ўша томон отланар экан йўл йўлакай ҳеч ким билан гаплашмади. Масжидга кирганида Абу Жаҳл даврада ўтирган эди. Тўғри унинг олдига келди. Камонини кўтариб бошига урди. Боши ёрилиб анчагина шикаст етди.
-   Сен менинг жиянимни нега ҳақорат қилдинг?! Билиб қўй, мен унинг динидаман! У нима деса мен ҳам ўшани айтаман! Қани, қўлингдан келса ўша ҳақоратингни менга қил-чи!
Бани Махзумдан бир неча киши ўрнидан туриб Абу Жаҳлнинг ёнини олмоқчи бўлишган эди, Абу Жаҳл:
-   Амморанинг отасига тегманглар! Аллоҳга қасамки, мен унинг жиянини жуда ҳам қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилган эдим, – деди.
Ҳамза разияллоҳу анҳу Исломда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига итоат қилишда доимо собит қадам бўлди.


АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД
Мушрикларнинг мусулмонларга қилаётган ҳужумлари ниҳоятда шиддатли тус олди. Улар Мадинага кириш имкони бор жойларга ҳужум қилишарди. Икки томондан камон ўқлари тинмай ёғиларди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуролланган ҳолларида отларига минганича турар эди.
Саъд ибн Муъозга шаҳар ҳудудини душманлардан мудофаъа қилиш вазифаси топширилган эди. У бор шижоати билан душманлар ҳамласига қарши аёвсиз зарба берди. Бир маҳал Қайс ибн Арақанинг ўғли Жаҳон пайт пойлаб Саъд разияллоҳу анҳуга:
-   Мана, қабул қилиб ол! Мен Арақанинг ўғлиман! – деб ўқ отган эди, ўқи нишонга тегиб Саъднинг томиридан қон оқа бошлади.
-   Аллоҳ сенинг юзингни дўзахда куйдирсин! – жавоб берди у. Томиридан қон отилиб оқиб чиқар эди. Қонни тўхтатиш учун биринчи шошилинч муолажани қилди.
Ҳолатни кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам назорат қилиб туриш учун унга чодра ўрнатишни амр қилдилар. Саъд нигоҳини юқори кўтарди ва ҳайқириб:
-   Эй Аллоҳ! Сен яхши биласан – мен учун Сенинг розилигинг истагида Расулингни ёлғончи қилган ва юртидан чиқариб юборган қавм билан жанг қилишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ! Эй Аллоҳ! Биламан, сен жангни биз билан Қурайш ўртасига қўйгансан. Мабодо Қурайш ғолиб келса, мени ҳам қолдиргин, токи Сенинг йўлингда улар билан жанг қилай. Мени жанг майдонида ўлдир, аммо вафотимга қадар ғалабани ўз кўзларим билан  кўришни насиб этгин!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар блан ўн кунга яқин қамал ҳолда туриб қолдилар. Сўнг Аллоҳ таолога илтижо қилдилар:
-   Эй Аллоҳ! Мен Сенинг аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман! Эй Китобни нозил қилган, ҳисобни осон қилган Зот! Аҳзобни тор-мор қилгин!
Аллоҳ таоло Расулининг дуоларини ижобат қилди. Кечасида Аҳзобга шиддатли шамол йўллади. Натижада мушриклар қадам босишнинг ҳам иложини қилиша олмай қолишди. Муслмонлрага нусрат берди. Улар тинмай Аллоҳ таборак ва таолога шукронани такрорлашарди.
Мусулмонлар Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилдилар. Ниҳоят яҳудийлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан юртларини мусулмонларга ташлаб Шомдаги Азриъотга кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рад этдилар ва келишиш учун хоҳлаган кишисини ўртага вакил қилишларини таклиф қилдилар. Улар Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳуни танлашди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдни чақиртирдилар ва бани Қурайза билан ўртада ҳукм чиқаришга вакил қилдилар.
Саъд аҳдини бузган, мусулмонларнинг душманларига ёрдам берган, натижада Хандақ ғазотида ва мазкур ғазотда мусулмонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлган хоинларнинг ҳукмини чиқаришга имкон берилганидан шодланиб кетди. У бор  шижоати ва илми билан ўртада адолатли ҳақ ҳукм чиқарди. жангга чиққанларини ўлдиришга, аёлларни асир олишга, мол-мулкларини мусодара қилиб мусулмонларга тақсимлаб беришга ҳукм қилди. Ҳолбуки Саъд улар билан аҳил дўст эди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Аллоҳ таоло еттинчи осмонда чиқарган ҳукмини чиқардинг. Сенинг бу чиқарган ҳукмингдан Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам рози бўлдилар. Мен ҳам шунга буюрилган эдим, – дедилар.
Саъд разияллоҳу анҳу яна ўзи даволанаётган чодрага қайтди. Жароҳати ўтда куйдирилган эди. Жароҳатидан яна қон оқа бошлади. Иккинчи марта яна куйдирилди. Жароҳат яна-да кучайиб Саъдни вафот этишгача олиб келди. Жон таслим қилаётган пайтида Жаброил алайҳис салом келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Бу инсон қандай инсонки, унга осмон эшиклари очилди, Арш ларзага келди? – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шошилиб кийимларини кийиб Саъд томон борди. Етиб келиб қарасалар, жон таслим қилган экан.
Жанозаларини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ўқидилар. Саҳобалар сўрашди:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Бунчалик енгил маййитни кўрмаган эдик?
-   Ҳа, ҳозир осмондан шунчалар фаришталар тушдиларки, шу кунгача бунча тушмаган эди. Ўша фаришталар кўтарганлигидан сизларга енгил бўлди, – дедилар.


ДАРЁДАН ЎТИШ
Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Дажла соҳилига етиб келди. Нигоҳи гуркираган Мадоин шаҳрига ва таърифи дунёга кетган Кисро қасрига тушди. Аскарлари билан дарёдан сузиб ўтмоқчи бўлди. Аммо бу усул унчалик қўл келмас эди. Шу пайт Осим ибн Амр Нажда аҳлидан олти юз нафар жангчи билан келди. Дарёни кечиб ўтиб соҳилда мудофаъа тадбирини қилиш таклифини киритди. Қараса, аскарларнинг баъзилари бу усулдан тараддудланиб қолишди. Шунда у Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятни тиловат қилди:
وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَنْ تَمُوتَ إِلاَّ بِإِذْنِ الله كِتَاباً مُّؤَجَّلاً وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الآخِرَةِ نُؤْتِهِ مِنْهَا وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ
“Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз”.
Сўнг бошини мардонавор кўтарганича дарёга ташланди. Уни кўриб бошқалар ҳам ўзларини дарёга отишди. Ибн Амрнинг жасоратидан таъсирланган аввалги лашкар ҳам ўзларини дарё томон урдилар. Соҳил бўйида турган душман мусулмон лашкарини қайтаришга шайланишди. Аммо Ислом лашкарининг моҳирона мардонавор тадбирлари олдида душман ожиз қолди. Мусулмонларни сувдан чиқармасдан ўлдиришга уринишди. Осим ҳайқириб найзалар билан жанг қилишга буюрди.
Лашкар соғ-саломат кечувдан ўтди. Душман мағлуб бўлди.

ВАҲИМА ҚИЛМАНГ!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммадан ҳам кўра шижоъатлироқ, гўзалроқ ва саҳоватлироқ эдилар. Бир кун Мадина халқи шаҳар атрофидан шовқин-сурон овозини эшитишиб қўрқишиб кетди. Ҳатто душман бостириб келиб қолдимикин деган гумонга ҳам боришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу заҳотиёқ қиличларини бўйнига осиб яланғоч отга миндилар ва ёлғиз ўзлари овоз келган томонга етиб бордилар. Қарасалар ҳамма ёқ жимлик. Ортга қайтсалар Мадина аҳли ҳам шу томон келаётган экан:
-   Ваҳима қилманглар. Хавотир олманглар! – дедилар ва бирга шаҳарга қайтдилар.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: Orifjon Hanafiy 21 Yanvar 2015, 18:40:16
بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АХЛОҚ
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ {القلم/4}
“Ва, албатта, Сиз улкан хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят)
  إنما بُعثت لأتمم مكارم الأخلاق  (الحديث)
“Мен ахлоқ гўзаллигини тамомига етказиш учун юборилганман”
   Ахлоқ – умматнинг жони эрур. Қачонки жон соғлом бўлар экан, уммат ҳам бақувват, ғолиб ва азиз, мардонавор барҳаёт бўлади. Аксинча, у фасод бўлса, уммат ҳалокатга йўлиқади, қуввати кетади, ёвларнинг муддаосига айланади ва душманларга нишон бўлади.
   Уммат кишиларнинг мажмуъасидан таркиб топар экан, ўша инсон юксак ахлоқий фазилатлардан мосуво бўлса, у ҳолда инсон уммат учун қандай моддий қийматга эга бўлиши мумкин? Ҳа, фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган инсонларгина умматга Ер юзидаги олтинлардан ҳам кўра қимматбаҳо кўрк ва бойлик бўла олади. Уммат учун фақат юксак ахлоқгина дунё ҳисоби билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо бойлик ва аслаҳа бўла олади.
   Исломий ахлоқ мутлоқ яхшилик, омма учун салоҳиятдан иборат бўлиб, унинг асли манбаси муқаддас Ислом дини. Унда бутун башарият учун фақтгина яхшилик ва  салоҳият кафолатланган.
   Унинг булоғидан ошкора ва махфий ҳолатда ҳам, фаровонлик ва машаққатда ҳам бир хил маромда қувватли ва нуфузли чашма отилиб чиқади. Зеро унинг Нозири Аллоҳ азза ва жалладурки, Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Ундан махфий бўла олмас,
   Саодат асрининг йўлчи юлдузлари ва уларга эргашган улуғ зотлар Аллоҳ таолога ибодат қилдилар, тақвода юқори даражаларга етишдилар ва юксак ахлоқ савиясида бўлдилар. Натижада Ислом таълимотларини тез фурсатларда бутун дунёга ёйишга эришдилар.
   Ахлоқнинг булоғидан поклик, мусаффолик, иффат, ростгўйлик, саҳоват, хушмуомалалик ва вафо каби инсонлар учун абадий сўнмас бўлоқ отилиб чиқадики, бу буюк инсоний одоблар Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво қилиш, буйруқларига итоат этиш ва гуноҳлардан сақланишга асослангандур.
   Улуғ саҳобийлар ҳам мана шу ахлоқ ила Исломий жамиятда жамландилар. Мана шу ахлоқ ила уларнинг байроқлари куррайи Заминнинг барча гўшаларида хилпиради. Қандоқ ҳам шундай бўлмасин, ҳолбуки улар иззат ва жабарут Соҳиби “Сиз буюк хулқ узрадурсиз” деб сифатлаган жаноб Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам мактабларидан сабоқ олган бўлсалар.

ҚАРЗИМНИ ЭРТАГА УЗАМАН
   Ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан қарз бўлиб қолган эдилар. У қарзни қайтариб олмоқчи бўлди. Мадина кўчаларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара келиб:
-   Сиз Абдул Мутталиб уруғи қарзни чўзиб юборадиган одамлар экансизлар! – деди. Бу ҳолатни кўриб Умар разияллоҳу анҳунинг ғазаби келди ва:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн берсалар бу яҳудийнинг калласини узиб ташлар эдим! – деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳалимлик ила:
-   Эй Умар, мен ва бу яҳудий бошқа чорага муносибмиз. Сен, яхшиси, унга қарзни мулойимлик билан сўрашни, менга эса вақтида адо қилишни таклиф қилсанг бўларди, – дедилар. Сўнг яҳудийга илтифот қилиб: - Худо хоҳласа эртага қарзимни тўлаб бераман, – дедилар.


ДЎСТ ДЎСТ УЧУН ЙИҒЛАЙДИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Зайд ибн Ҳориса Мўъта ғазотида шаҳид бўлдилар. Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Зайд ҳақиқатан ҳам Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилди. Энди у қиёмат кунида Аллоҳга барча гуноҳлардан покланган ҳолда йўлиқади, – дедилар.
Лекин ундан сўнг Зайд разияллоҳу анҳунинг қизи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отасининг жасадининг устида йиғлаб турганини кўриб сўради:
-   Нега Сизни йиғлаган ҳолда кўрмоқдаман?
-   Дўст албатта дўсти учун йиғлайди, – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзлари тўла ёш билан.
Инглиз адиби Томас Карлейл бу қиссадан таъсирланиб шундай ёзган: “Бу каби қиссалар ва воқеалар бизларга Муҳаммад алайҳис салом тимсолида ҳақиқий инсонийликка асосланган биродарлик ва меҳрибонликни кўрсатади. У зот бизлар учун ўта раҳмдил, мушфиқ инсон. Бизлар ҳаммамиз Одам ато ва Момо Ҳавонинг фарзандларимиз”.


ЯХШИ ИШ ҚИЛДИММИ?
Бир аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нарса сўради. Ул зот сўраганини бердилар ва:
-   Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар.
-   Йўқ, яхши иш қилмадинг! Чиройли иш ҳам қилмадинг! – жавоб берди аъробий. Мусулмонлар дарғазаб бўлиб унга қарши қўзғолишди. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ишора қилиб тинчлантирдилар. Сўнг аъробийни уйларига олиб бориб яна нарсалар берди.
-   Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар яна.
-   Ҳа. Аллоҳ ажрингни берсин! – деди аъробий.
-   Сен нима десанг дединг. Асҳобларимнинг кўнгилларига бу гапларингдан турли фикрлар келди. Энди қачон уларнинг ёнларига борсанг ҳозирги сўзларингни айтиб бер. Токи уларнинг кўнгилларидан сенга бўлган ғашликлар кўтарилиб кетсин.
-   Хўп, – деди у.
Эртаси куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга турганларида:
-   Манави аъробий кеча шундай-шундай деган эди. Кейин биз нарса қўшиб берган эдик у бизлардан рози бўлди. Шундайми? – деб аъробийга юзландилар.
-   Ҳа, – деди аъробий. – Аллоҳ ажрингизни берсин. Уйингизга барака келсин.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳралари шодликдан ёришиб кетди.
-   Мен билан бу аъробийнинг мисоли шундайки, бир кишининг туяси бор эди, қочиб кетди. Одамлар унинг ортидан нафрат билан қувиб кетишди. Шунда туянинг эгаси одамларга: “Қўяверинглар. Мен ўзим туямга меҳрибонроқман. Унинг феълини ҳам яхши биламан” деди. Ердан бир сиқим ахлат олиб уни чақирди. Туя келиб чўккалади. Эгаси эгарни боғлаб, устига чиқиб ўтирди. Мен ўша ҳолатича қолдирсам сизлар уни ўлдиришгача борур эдингиз. У ҳам дўзахга тушар эди, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келди. Бироқ Сарвари коинотнинг ҳайбатлари босиб гапиришга журъат қила олмади.
-   Тортинма, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Мен ҳам қуритилган гўшт еган аёлнинг боласиман.
Бошқа куни одамларнинг олдиларидан ўтиб бораётган эдилар, одамлар таъзим бажо айлаб ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтариб:
-   Ажамлар бир-бирларига таъзим қилиб ўринларидан тургани каби сизлар ҳам ўринларингиздан турманглар – дедилар.
Аллоҳ таоло мўминларга неъматини охирига етказиб, динларини мукаммал қилганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фоний дунёдан риҳлат қилиш фурсати етганини сезиб қолдилар. Минбарга кўтарилиб:
-   Эй инсонлар! Мен кимнинг орқасига савалаган бўлсам, мана менинг орқам, ўчини олсин! Кимнинг шаънига тегиб сўккан бўлсам, мана менинг шаъним – ўчини олсин! Кимнинг молини олган бўлсам, мана менинг молим – қайтариб олсин! Ғазабланади деб чўчимасин, у иш менинг шаънимга тўғри келмайди, – дедилар.
Яна бир куни Ғавс ибн Ҳорис жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тўсиб, қиличини суғурди ва:
-   Эй Муҳаммад! Сени мендан ким сақлаб олади? – деди.
-   Аллоҳ – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шу пайт Ғавснинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични қўлларига олдилар ва:
-   Энди сени мендан ким сақлаб қолади? – дедилар.
-   Бир яхшилик қилинг, – деди Ғавс. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилдилар ва қўйиб юбордилар. Ғавс қавмига қайтиб бориб уларга:
-   Мен инсонларнинг энг яхшисининг ҳузуридан келяпман, – деди.

ОНАЖОН! ҚЎЙ СОҒУВЧИ КИШИ КЕЛДИ!
Саййидимиз Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифаликларидан аввал мусулмонларга имомлик қилар эди, саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга халифа эдилар. Хизматларини аъло даражада адо қилар эди. Қўшниларини ҳурматлар, ожизу-нотавон, етим ва бечораҳолларнинг ҳолларидан хабар олар, оила аъзолари вафот этган ёки Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганларнинг хонадонларига бориб ҳамдардлик билдирар эди. Уларга ҳурмат ва меҳрибонлик кўрсатиб қўйларини соғиб, хамирларини қориб берар эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул Аълога риҳлат қилиб, халифа бўлганларидан сўнг мазкур инсонлар энди бу зот хабар олишлари ва аввалгидек ёрдам беришларидан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрқдилар.
Ёлғиз қолган беванинг “Бугун қўйларимиз соғилмай қоладиган бўлди” деган гаплари саййидимизга етиб борди. “Аллоҳга қасамки, яна ўзим бориб соғиб бераман!” деб Сиддиқ разияллоҳу анҳу кампирнинг уйига бориб эшик қоқди. Эшикни кичкинагина бола очди. Халифани кўрибоқ ҳайқириб юборди:
-   Онажон! Қўйимизни соғадиган киши келди!
Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ул зотни юқори баҳолаб: “Умматимнинг ичидан умматимга энг меҳрибони – Абу Бакр” дея илтифот айлаган эдилар.


ВАФОДОРЛИК
Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ул зотга эргашган мусулмонларни иқтисодий қамал қилиб, одамларни улар билан алоқада бўлишдан ман қилиб қўйишгач Хадича онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлдилар. Уч йил давом этган иқтисодий қамалдан барчаларининг тинка мадорлари қуриди.
Хадича онамиз разияллоҳу анҳо ўзлари рози бўлган ҳолда бор мол мулкини инфоқ қилиб юбордилар. Қалблар сабр ва фидойиликда тобланди. Мана энди мўминларнинг онаси ўз манзилига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қайтар эдилар. Бироқ келган пайтларидагидек бой бадавлатликдан асар ҳам қолмаган эди.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка мадорини қуритди. Натижада кўрпага ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича разияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
-   Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
-   Ундай деманг онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум разияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл кўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, ва лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол мулкини Аллоҳ йўлида саҳоват ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар.
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *
“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зариёт сураси, 15 – 19 оятлар)
Ниҳоят Раббул иззатга покиза руҳларини топширдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича разияллоҳу анҳога ўта вафодор эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юбордилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Оиша разияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:
-   Қурайш кампирларидан бўлган бир оғзи қизил кампирни бунча эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермабдими? – деб юборган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:
-   Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади! Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди! Одамлар ёлғончига чиқарганда у мени тасдиқлаган эди! Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида мол-дунёсини менга сарфлаб юборган эди! Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган! – деган эдилар.


НУБУВВАТ АХЛОҚЛАРИДАН
   Ямома алининг саййиди Самома ибн Асол Ҳанафий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонликни ирода қилган ҳолда Мадина кўчаларида кетаётган эди. Муҳаммад ибн Маслама бошқариб келаётган қўшин уни тутиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига олиб келишди. Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Бу асрга яхши муомала қилинглар, – дея илтифот қилдилар.
Сўнг уйларига кириб аҳлларига:
-   Бор таомларингизни ҳозирлаб Самомага чиқариб юборинглар, – дедилар. Яна бир туяни топиб келтиридилар. Эрталаб ва кечки пайтда сутини соғиб беришга буюрдилар. Кейин унинг олдига кириб:
-   Хўш, Самома! Аллоҳ сенга имкон бердими? – дедилар.
-   Эй Муҳаммад! Агар ўлдирмоқчи бўлсанг, қоним учун ўлдирақол! Мабодо афв қилмоқчи бўлсанг шокирлик ила афв қилақол! Агар молимни олмоқчи бўлсанг, сўра, хоҳлаганингча берай! – деди Самома.
Учинчи куни бўлганида афв қилиб қўйиб юбордилар. Самома чиқиб кетиб, яқин орадаги сув бор жойга борди. Ғусл қилиб покланди. Кийимларини поклади. Кейин масжидга кириб:
-   Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сенинг юзингчалик нафратли юз йўқ эди. Энди эса сенинг юзинг ҳамма юзлардан ҳам кўра ёқимлироқ бўлиб қолди. Мен учун динларнинг ичида сенинг динингдек нафратлироқ дин йўқ эди, энди эса сенинг дининг мен учун ҳамма днлардан ҳам кўра маҳбуброқ бўлиб қолди. Мен учун шаҳарлар ичида сенинг шаҳрингдек нафратлироқ шаҳар йўқ эди, энди эса сенинг шаҳринг мен учун энг маҳбуб шаҳар бўлиб қолди, – деб ҳақ шаҳодатни келтириб мусулмон бўлди. Сўнг умра учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн сўрадилар.
Самома Маккага келганида одамлар унинг мусулмон бўлганини билишди.
-   Ҳой Самома! Динингдан кечдингми? – сўрашди улар.
-   Мен Исломга кирдим. Муҳаммаднинг динига эргашдим! – жавоб берди у.
Уни ўлдирмоқчи бўлишди, бироқ унинг қавмидан қўрқишди. Чунки буларни ғалла билан асосан Ямома халқи таъминлар эди.
-   Аллоҳга қасамки, мен сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича зинҳор буғдой донини бердирмайман! – деди Самома.
Дарҳақиқат Ямомага қайтгач Макка аҳлига буғдой соттирмай қўйди. Бу эса маккаликларнинг очарчиликда қолишларига сабаб бўлди. Чорасиз қолган Макка аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатиб Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, қариндошчиликнинг ҳурматларидан Самома қилаётган ишни тўхтатишини илтимос қилишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Самомага буғдой беришни сўраб хат ёзиб бердилар.


АҲДИМИЗНИ БУЗМАЙМИЗ
Макка шаҳрида Абу Басир исмли бир бечораҳол бор эди. У Маккадан Мадинага қочиб кетди. Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ўзинг яхши биласан – бизлардан бирор кимса сен томонга қочиб борса қайтариб беришликка аҳдимиз бор. Бизларга ўша қочоқни қайтариб юбор” деб хат ёзиб юбордилар.
Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басирни чақириб:
-   Бизлар ҳақиқатан ҳам у қавм билан аҳдлашганмиз. Бизнинг динимизда аҳдни бузишлик тўғри бўлмайди – деб вакил билан бирга қайтариб юбордилар.
-   Мушриклар менинг динимига фитна қилсалар ҳам қайтариб юбораверасизми? – сўради Абу Басир.
-   Бизлар хиёнат қила олмаймиз. Сен боравер. Аллоҳ таоло мушкулотларинг очиб юборгай.


НАРСАНИ ЭГАСИ КЎТАРАДИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шалвар сотиб олган бозорга кирди. Сотувчи уларни кўриб ўрнидан турди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ўпа бошлади. Ҳазрат қўлларини тортиб олдилар ва:
-   Бу ажамларнинг подшоҳларига қиладиган амаллари. Мен подшоҳ эмасман. Мен ҳам сизлар каби бир оддий кишиман.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан шалварни олмоқчи бўлди. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Нарсани эгаси кўтариб олиши лозим, – дедилар.


ЎТИН ҚИЛИБ СОТ
Ансорлардан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бир егулик сўради.
-   Уйингда бирор нарса йўқми? – сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – жавоб берди аъробий.
-   Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
-   Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
-   Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
-   Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди иккинчиси.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанисига сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:
-   Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
-   Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилиб келди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
-   Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


КИМ СУННАТИМДАН ЮЗ ЎГИРСА МЕНДАНМАС!
Уч киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб ибодатлари ҳақида сўрашди. Қандай ибодат қилишларининг хабарини берганларидан сўнг уларга оздек туюлди. Ўзларича: “Бизлар қаёқдаю, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар. Ва ҳолонки олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлсалар!” дейишди.
Бири айтди: “Мен энди кечаси бутунлай ухламай ибодат қилиб чиқаман”. Иккинчиси: “Умрим бўйи рўза тутиб юраман, рўзасиз бўлмайман!” деди. Учинчиси эса: “Аёлларга яқин бўлмайман!” деди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб бу сўзлардан хабардор бўлгач, масжидга одамларни йиғиб хутба қилдилар:
-   Одамларга нима бўлдики, шундай-шундай дейишади! Аллоҳга қасамки, мен одамларнинг ичида Аллоҳга энг яқинроғиман! Энг қўрққувчироғиман! Лекин рўза тутаман, тутмай ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга яқин ҳам бўламан. Кимки менинг суннатимдан ўзини олиб қочса, мендан эмас!


МЕРОСХЎРЛАРИНГ БОЙ БЎЛСИН
Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу бой-бадавлат инсон эди. Айни ёшлик палласида анчагина оғир бетоб бўлиб қолди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келдилар.
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Мени молим жуда ҳам кўп. Мерос олишга иккитагина қизим бор, холос. Молимнинг учдан иккисини васият қилсам бўладими? – деб сўради.
-   Йўқ, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ярми-чи?
-   Йўқ, – дедилар яна.
-   Учдан бири-чи? – сўради Саъд.
-   Учдан бири... Учдан бири ҳам кўп. Меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг одамларга тиланчилик қиладиган камбағал ҳолда қолдирганингдан кўра яхшироқдур, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


 САДАҚА ЙИҒУВЧИГА БЕРИЛГАН ҲАДЯ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибн Латибани Бани Салимдан садақларни йиғиш учун тайинладилар. У садақаларни йиғиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келгач:
-   Мана бу – сизларга. Буни эса – менга ҳадя қилиб беришди, – деди.
-   Агар айтган гапларинг рост бўлса отангнинг ёки онангнинг уйида ўтирмабсан-да, ўша ҳадяларинг сенга келгани? – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадлари – унинг олган нарсалари мансаби ва вазифасидан эканлигини англатиш эди)


ОМОНАТДОРЛИК
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Олия аҳлидан бир киши келиб савол берди:
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Бу диндаги энг қаттиқ ва энг нозик нарсанинг хабарини беринг.
-   Энг нозиги  أشهد أن لا إله إلا الله و أن محمد عبده و رسوله (“Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчисидур). Энг қаттиғи эса, эй олиялик биродар, омонатдур! Чунки, омонатдорлиги йўқ кишининг дини йўқдур! Унинг намози ҳам, рўзаси ҳам йўқдур! – жавоб бердилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


САЙФУЛЛОҲ
Араблар ва Рум ўртасида Ярмук ғазоти бўлганида Рум лашкарининг орасидан Жаража исмли қўмондон арман ўн икки минг аскарлик сафнинг олдига чиқди. Икки лашкарнинг ўртасида туриб бақирди:
-   Менинг олдимга Холид чиқсин!
Холид разияллоҳу анҳу чиқди. Икки лакарбоши аскарлардан алоҳида ҳоли турдилар. Жаража сўз бошлади:
-   Эй Холид! Менга фақат тўғри сўзла! Ёлғон гапирма! Чунки ҳур инсон ёлғон гапирмайди. Мени алдама! Чунки олийжаноб инсонлар вакилларни алдамайди. Аллоҳ сизларнинг пайғамбарларингизга осмондан қилич тушириб, уни сенга берганми? Ва ўша қилич туфайли ҳеч ким сенга ғолиб кела олмай фақат мағлуб бўлурми?
-   Йўқ! – деди Холид разияллоҳу анҳу.
-   Унда нега “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) номини олгансан?
-   Аллоҳ таоло бизларга пайғамбарини юборди.  Мен у зотни ёлғонга тутган ва у зотга қарши жанг қилганлардан бўлдим. Кейин Аллоҳ мени ҳидоят қилди, мен у зотга эргашдим. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сен Аллоҳ мушрикларга мусаллат қилган қиличлардан бир қиличсан” – деб менга нусрат сўраб дуо қилдилар.
-   Сизларга ижобат қилган ва сизларга қўшилганларнинг мақоми қандай бўлади?
-   Бизлар билан бир мақомда бўлади, – жавоб берди Холид разияллоҳу анҳу.
-   Унга ҳам сизлар каби ажр ва улуш бўладими? – сўради яна  Жаража.
-   Ҳа. Ҳатто афзалроқ ҳам. Чунки бизлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида, бизларга ғайбнинг хабарларини бериб турганларида, у зотдан ажойибот ва мўъжизаларни кўриб туриб эргашдик. Биз кўрганларимизни кўрган, эшитганларимизни эшитганларга мусулмон бўлишлик шарт бўлади. Сизлар эса бизга ўхшаб кўрмадиларингиз ва эшитмадиларингиз. Кимки холис ният ила динимизга кирса ва тасдиқласа, бизлардан ҳам афзал бўлур! – деди Холид ибн Валид.
Шундан сўнг Жаража қалқонини олди ва Холид ибн Валид томон яқинлашди.
-   Менга Исломга киришни ўргат!
Холид разияллоҳу анҳу уни чодрасига етаклаб борди. Мешдан сув қуйиб турди.  Жаража мусулмон бўлиб, ғусл қилиб икки ракаъат намоз ўқиди. Кейин Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу билан бирга кун оғгандан оқшомга яқин бўлгунча жанг қилди. Шундан сўнг шаҳид бўлди.


ЛАЪНАТ УЧУН ЮБОРИЛМАГАНМАН!
Уҳуд жангида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари жароҳат олгани саҳобаларга оғир келди.
-   Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуо қилиб юборсангиз бўлмайдими? – дедилар.
-   Мен лаънатловчи бўлиб юборилмаганман. Мен фақат чорловчи ва раҳмат бўлиб юборилганман! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг дуо қилдилар: – Эй Аллоҳ! Қавмимни ҳидоят қил! Чунки улар билишмайди...
Макка фатҳ қилиниб Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайшдаги душманларининг устидан зафар берганида душманлар Жанобнинг интиқом олишига асло гумон қилишмаган эди. Бироқ олийжаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни шу қадар афв қилиб кечириб юбордиларки,  ҳатто уларга қараб:
-   Нима деб ўйлайсиз, мен сизларга нима қилишим ҳақида? – деб сўраганларида улар:
-   Яхшилик! Марҳаматли биродарлик! Марҳаматли қариндошлик! – жавоб беришди. Шунда бизларнинг олийжаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам башарият тарихида кўрилмаган лутф намоён қилдилар:
-   Бораверинглар! Озодсизлар!


ЙЎЛИМДАН ҚАЙТМАГАЙМАН!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига амакилари Абу Толиб келиб сўз бошлади:
-   Эй жияним, одамлар менинг олдимга келиб менга: “Жиянинг илоҳларимизни сўкди, динимизни айблади, ашрафларимизни аҳмоққа чиқарди, оталаримизни адашганга чиқарди. Ё уни тийиб қўясан, ёки ўртамизга тушмайсан” дейишди. Мени ҳам, ўзингни ҳам ўйла! Мени ҳам қўлимдан келмаган ишга ҳижолат қилма!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сездиларки, энди амакиси бу зоти шарифга кўмак бера олмайди, ёрдам беришга ва ҳимоя қилишга ожизлик қилмоқда.
-   Эй амакижон! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – Аллоҳга қасамки, мана шу ишимни ташлашим учун ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазиб қўйсалар ҳам Аллоҳ уни зоҳир қилгунича ёки шу йўлда ҳалок қилгунича асло тарк қилмагайман!
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўз ёшларини тўкиб, йтғлай бошладилар. Кейин ўринларидан туриб чиқиб кетаётган эдилар амакилари чақириб:
-   Яқинроқ кел, жияним, – деди жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин келдилар – бор, жияним. Нимани айтишни яхши кўрсанг айтавер! Аллоҳга қасамки, мен ҳаргиз уларга сени ташлаб қўймайман!


АҲДГА ВАФО
Мусулмон қўшинлари Форсга ҳарбий юришларида Сус шаҳрини  қамал қилишди. Кутилмаганда шундай ҳарбий ҳолатда ҳам гўё ҳеч қандай уруш бўлмагандек аҳоли шаҳар дарвозаларини очиб қуролларини тақмасдан хотиржам бозорларига чиқа бошладилар. Мусулмонлар уларга одам жўнатишиб, уларнинг нега қурол аслаҳасиз, ўз ҳожатлари учун бемалол бозорларига чиқишаётганларини сўрашди. 
Улар: “Сизлар бизларга берган омонликларингизни қабул қилдик. Шунинг учун бизларни ман қилмасликларингизга иқрор бўлдик” дейишди. Мусулмонлар ҳайрон бўлиб: “Бизлар ундай қилганимиз йўқ!” дейишди. Улар яна: “Бизлар алдаётганимиз йўқ” дейишди. Шундан сўнг мусулмонлар бир-бирларидан бу ҳақда суриштира бошладилар. Қарасалар асли жундишопурлик бўлган Муктафо исмли бир қул уларга омонлик хати ёзиб берган экан.
Шунда мусулмонлар ҳатто ўзига ҳам ҳеч қандай эгалик қила олмайдиган бир қулнинг омонлик хатини бекор қилишмоқчи бўлишди.
“Бизлар сизларнинг ҳурларингиз билан қулларингизнинг фарқига бормасак. Бизга омонлик келди, шунга эътимод қиламиз ва шуни қабул қилдик. Хоҳласаларингиз ўзларингиз аҳдингизга хиёнат қилаверинглар, аммо биз уни алмаштирмоқчи эмасмиз” дейишди улар.
Мусулмонлар уларга нисбатан на уруш оча олмай, на улардан юз ўгира олмай туриб қолишди. Охири мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло вафони улуғлаб қўйди. Аҳдга вафо қилинглар!”
Мусулмонлар Умар разияллоҳу анҳуга итоат қилиб уларга омонлик беришди ва ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишди.

ИНСОНЛАРГА МАНФАЪАТ ЕТКАЗИШ
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида эътикоф ўтирган эдилар, бир киши келиб салом берди ва ўтирди.
-   Нима гап, кайфиятинг тушган, қайғули кўринасан? – сўради ибн Аббос разияллоҳу анҳумо.
-   Менда фалончининг шунча ҳақи борки, ҳатто мана бу қабр соҳибининг ҳам унга имкони йўқ, – жавоб берди у киши.
-   Мен бир гаплашиб кўрайми? – деди ибн Аббос разияллоҳу анҳумо.
-   Майли, агар хоҳласанг.
Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу оёқ кийимни кийиб масжиддан чиқди.
-   Сен нимага ўтирганинг эсингдан чиқиб қолдими? – сўради ҳалиги киши эътикоф ўтирганини назарда тутиб.
-   Йўқ, эсимдан чиққани йўқ. Лекин мен мана бу қабр соҳибидан эшитганман, У зот билан кўришишимга ҳам оз қолди, – Абдуллоҳнинг кўзлари ёшга тўлди, – “Ким бир биродарининг ҳожати учун юриб етиб борса, ўн йил эътикоф ўтиргандан ҳам яхшироқдир” дер эдилар. Ҳолбуки, ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло ўша киши билан дўзахнинг орасига ҳар бири мағриб ва машриқ оралиғича бўлган учта хандақ қилиб қўяди.

ИСЛОМИЙ САДОҚАТ
Ҳазрат Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббул иззатга риҳлат қилганларидан сўнг яширин овозга қўйиш йўли билан  халифаликка уч киши – Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳуларнинг номзодлари қўйилди.
Ушбу олий даражадаги маслаҳат улуғ исломий садоқат устига барпо қилингани самараси ўлароқ Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳуга байъат қилиб:
-   Сиз муҳожирларнинг энг афзалисиз. Ғордаги икки кишининг бирисиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасисиз. Шундай экан, ким ҳам Сиздан кўра бу ишга лойиқроқ ва муносиброқ бўлур эди! – деди. Сўнг Умар разияллоҳу анҳу байъат берди:
-   Сиз мендан кўра афзалроқ инсонсиз!
-   Сен мендан кўра қувватлироқсан-ку?! – ажабланди Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Сизнинг фазлингиз устига менинг қувватим ҳам Сизга бўлсин!


ХАФСАНИНГ ТУРМУШГА ЧИҚИШИ
Умар разияллоҳу анҳунинг қизи Хафса разияллоҳу анҳо бева қолганларидан сўнг ҳазрат Умар аввалига Усмон разияллоҳу анҳуга, кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қизларини никоҳига олишларини таклиф қилган эдилар. Натижа нима бўлди денг?
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу ўзлари тафсилотлари билан айтиб берган:
“Усмон “Бир ўйлаб кўрай-чи” деди. Ўша кеча ўтиб эртасига учраб: “Бугунги ҳолатимда уйланишга шароитим йўқ экан” деди. Абу Бакр эса умуман жавоб қайтармади. Ундан Усмондан ҳам кўра кўпроқ хафа бўлдим. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизимнинг қўлини сўраб қолдилар.
Кейин Абу Бакр менга учраб: “Менга Хафсани таклиф қилганингда жавоб бермай кетсам, мендан хафа бўлдинг. Аммо мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни эслаганидан хабарим бор эди. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларини очишни хоҳламадим. Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олмаганларида мен олган бўлар эдим” деди”.

ЯХШИ ГУМОН ИМОНДАНДУР
Ифк ҳодисасидан кейин Абу Айюб разияллоҳу анҳуга хотини айтиб қолди:
-   Одамлар Оиша разияллоҳу анҳо ҳақида нималар дейишаётганларини эшитдингми?
-   Ҳа. Ҳаммаси ёлғон! – деди Абу Айюб. Сўнг сўради: – сен ўзинг ўша ишни қилган бўлармидинг?
-   Йўқ, – деди Умму Айюб.
-   Оиша эса, Аллоҳга қасамки, сендан кўра яхшироқ инсон!


МЕНДАН ХАФА БЎЛДИНГИЗМИ Эй Аллоҳнинг Расули?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби киром билан ўтирган эдилар. Бир киши Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қаттиқ озор бера бошлади. Абу Бакр индамай тураверди. У яна озор берди, Абу Бакр яна индамади. Учинчи марта озор берганда саййидимиз Абу Бакр ўзини ҳимоя қилиш учун жавоб қайтарди. Шу пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетиб қолдилар.
-   Мендан хафа бўлдингизми, Эй Аллоҳнинг Расули? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Осмондан бир фаришта тушиб, сен ҳақингда унинг айтган сўзларни ёлғонга чиқариб турувди. Қачонки сен ўзингни ҳимоя қила бошлаганингда фаришта кетиб, Шайтон ўтириб олди. Мен Шайтон билан бирга ўтира олмайман, – жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 04 Mart 2015, 19:14:10
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АХЛОҚ
(давоми)
“СИДДИҚ”
      Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сайр қилганларида Абу Толибнинг қизи Умму Ҳоний разияллоҳу анҳога (исми Ҳинд эди) мазкур Исро ҳақида айтиб бердилар. Сўнг чиқиб кетмоқчи бўлиб ўринларидан тураётан эдилар, этакларидан ушлаб:
-   Ё Набийюллоҳ! Худо ҳақи, ўтинаман, эй амакимнинг ўғли! Бу ҳодисани Қурайшга айта кўрманг! Сизни тасдиқлаб турганлар ҳам ёлғончига чиқарурлар! Сўзларингизни инкор қилурлар! – деди Умму Ҳоний.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан этакларини қоқиб чиқиб кетдилар. Қурайшдан бир неча киши турган жойга етиб келдилар. Уларнинг ораларида Мутъим ибн Адий ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом бор эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар барибир ёлғончига чиқаришларини сезиб, ғамга чўкиб ўтирдилар. Абу Жаҳл истеҳзо ила сўради:
-   Ҳа, Муҳаммад! Бирор иш бўлдими?
-   Ҳа. Бу кеча тунги сайрда бўлдим.
-   Қаерга?
-   Байтул Мақдисга, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Тонг отгунча яна қайтиб келдингми? – сўради Абу Жаҳл.
-   Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Қараб тур, ҳозир қавмимни чақирсам уларга ҳам менга айтиб берганларингни айтиб бера оласанми?
-   Ҳа – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл ҳайқира бошлади:
-   Ҳой Қурайш жамоаси! Ҳой Луай ибн Каъб болалари!
Одамлар ўринларидан туриб шу томонга келиб ўтириша бошлашди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Бу кеча мен Байтул Мақдисга сайр қилдим. Ёнимга пайғамбарлар жамоаси ҳозир бўлди. Уларнинг ичида Иброҳим, Мусо ва Исолар бор эди, – дедилар.
Қурайш бу сўзларни эшитиб шовқин сурон кўтариб юборди. Исро воқеасини ўта ошириб юборди деган фикрда баъзилари қарсак чалиб юборди, айримлари эса таъажжубдан бошларини чангаллаб олди. Мутъим ибн Адий эса:
-   Сенинг ишларинг бугунгача ҳам ҳар ҳолда енгилроқ эди. Аммо бугунги сўзларинг сенинг ёлғончилигингга гувоҳ бўлади. Бизлар Байтул Мақдисга бориш учун туяларимизда бир ой у томонга, бир ой бу томонга юрамиз. Сен эса шунча йўлга бир кечанинг ўзидаёқ етиб бордим деб даъво қиляпсанми?! Лот ва Уззога қасамки, мен сенинг бу сўзингга асло ишонмайман!
Мушриклар шошилиб Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб:
-   Дўстинг бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганини даъво қилаётганидан хабаринг борми? – деб сўрашди.
-   Шундоқ деб айтдими? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, – дейишди.
-   Аллоҳга қасамки, агар шундай деб айтган бўлса, ҳақиқатан ҳам тўғри айтибди! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу. Шу кундан бошлаб “Сиддиқ” лақабини олди ва у зот шаънида Аллоҳ таолонинг ушбу Каломи нозил бўлди:
وَالَّذِي جَاء بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
“Ва Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир”. (Зумар, 33)


ҲАЗРАТ АЛИНИНГ ҚУЛИ
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу инсонларнинг афзалларидан ва гўзал хулқлиларидан эдилар. Бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Иккинчи, учинчи бора яна чақирди – жавоб бермади. Туриб излаб топиб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.
-   Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
-   Эшитдим, – жавоб берди қул.
-   Унда нега жавоб бермадинг?
-   Барибир менга азоб-уқубат қилмаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:
-   Ундай бўлса сени Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ РИСОЛАТДАН АВВАЛГИ ХУЛҚЛАРИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
Жоҳилият амалларидан биронтасига ҳам эҳтимом қилмаганман, илло икки бора уринганимдан бошқа. Ўшанда ҳам Аллоҳ мен билан мен ирода қилиб эҳтимом қилган нарсани токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар пардалаб қўйган.
Иттифоқо, Макканинг юқори қисмида мен билан бирга қўй боққувчи қурайшлик ғуломга бир тунда:
-   Қўйларимга қараб турсанг Маккага тушиб чиқар эдим. Мен ҳам ўспиринлар каби бир ўйнаб келай-чи – дедим.
-   Майли – деди у.
Ўйин кулгуни ирода қилиб чиқиб кетдим. Макканинг бошланиш маҳалласига етганимда карнай ва дўмбира овозларини эшитдим.
-   Бу нима? – десам:
-   Фалончининг ўғли фалончи фалончининг қизи пистончига уйланяпти – дейишди. Мен энди уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Шу ҳолатда ухлаб қолиб, қуёш нури тушгандагина уйғондим.
Шеригимнинг олдига бордим.
-   Ним ақилдинг? – сўради у.
-   Ҳеч нарса қилмадим, – деб бўлган ҳолатни айтиб бердим.
-   Бошқа бир кеча унга яна ўша гапни илтимос қилувдим, “Хўп” деди. Чиқиб кетиб, аввалги сафар Маккага тунда кирганимдагидек овоз эшитдим. Уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Аллоҳга қасамки, ухлаб қолиб яна қуёш нури тушгандагина уйғондим. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Унга бўлган гапни айтдим.
Ўшандан сўнг Аллоҳ азза ва жалла токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар ёмон ишга эҳтимом қилмадим.


ТАБАРРУК ЕЛКАЛАР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
-   Сиз бир кун мени уриб жонимни оғритган эдингиз, – деди.
-   Қасосингни ол, мени ур! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менинг елка ва орқам очиқ эди, – деди у киши.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак елкаларидан ридоларини туширдилар. Ҳалиги киши эса шу пайт табаррук елкалардани силаб ўпа бошладилар. Чунки унинг мақсади шундай улуғ табаррукликка етишиш эди.

ТИЛИНГНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ
Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, – дедим.
-   Сен буюк нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Бироқ у Аллоҳ енгил қилган кимса учун осондир. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан. Намозни барпо қиласан. Закотни адо қиласан. Рамазонда рўза тутасан. Байтга ҳаж қиласан. – Сўнг сўрадилар: - Сени яхшилик эшикларига далолат қиайми? Рўза – қалқондур. Садақа – сув ўтни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг тун қўйнида ўқиган намози ҳам.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилдилар:
تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفاً وَطَمَعاً وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Сажда, 16-17)
Сўнг яна сўрадилар:
-   Сенга ишларнинг боши, устуни ва энг юқори ўркачининг хабарини берайми?
-   Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули! – дедим.
-   Ишларнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юқори ўркачи – жиҳод. Энди улурнинг ҳаммасига эга бўлишнинг хабарини берайми?
-   Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули!
Тилимни ушладилар. Сўнг:
-   Буни ўзингдан тийиб ол! – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар гапирган сўзларимиздан ҳам ушланамизми?
-   Онанг сени йўқотиб қўйгур!  Инсонлар дўзахга юз тубан бўлиб (ёки “бурунлари ишқаланиб” дедилар) йиқилишлари ҳам тилларининг “маҳсули” эмасми? – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.


ҲАЗРАТ УМАР ВА ХАБАРЧИ
Қодисия воқеасида Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу қўмондонлигида мусулмонлар тўлиқ зафар қозонишди. Саъд Умар ибн Хаттобга Форсни қандай қўлга олганлари ҳақида хат ёзиб юборди. Умар разияллоҳу анҳу йўлда келаётган хабарчига йўлиқиб қолди ва:
-   Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима гаплар бўлди, менга айтиб бер-чи? – деди. Хабарчи:
-   Аллоҳ таоло мушрикларни тор-мор қилди! – деди.
Умар разияллоҳу анҳу хабарчидан савол сўрар, у эса танимаган эди. Сўнг туясига  бир оз дам бериб шаҳарга кирса, одамлар Умарнинг мулозаматида экан. Хабарчи ҳижолат бўлиб кетиб:
-   Аллоҳ Сизга раҳм қилсин, мўминларнинг амири эканлигингизни айтиб қўймапсиз-да! – деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу:
-   Ҳижолат бўлма, биродарим! – деди.

ИККИ КИШИЛИК ГУВОҲ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Хузаймадан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Савво ибн Қайс Муҳорабий исмли аъробийдан от сотиб олдилар. Пулини олиб бериш учун аъробийни етаклаб йўлга чиқдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тезроқ қадам ташладилар, аъробий эса орқароқда қолиб кетди. Бир неча киши аъробийга рўпара келишиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сотиб олганларидан бехабар отни баҳолаша бошлашди. Ҳатто айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нархдан ҳам юқорироқ баҳо бера бошлашди. Нарх кўьарилиб кетгач аъробий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб қичқирди:
-   Отимни харид қилсанг – қил, йўқса сотиб юбораман!
Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у етиб келгунча тўхтаб турдилар.
-   Мен сендан сотиб олмадимми? – дедилар.
-   Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен уни сенга сотмадим! – деди аъробий.
-   Йўқ, мени уни сендан сотиб олдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийни қуршаб олдилар.
-   Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди аъробий.
Мусулмонлар:
-   Ҳой, шўринг қурғур! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдан бошқасини гапирмайди! – дейишди.
Охири Хузайма ибн Собит разияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийнинг тортишганини эшитиб қолди. У ҳамон:
-   Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди.
-   Мен гувоҳман сен уни сотганингга! – деди Хузайма.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқин келиб:
-   Нима билан гувоҳлик берасан? – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Мен Сизнинг самовий хабарларингизни тасдиқлаганман. Қандай қилиб айтган сўзларингизни тасдиқламас эканман? – днди Хузайма разияллоҳу анҳу. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенгладилар.
Ложарамки, мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дин ишларидан имон келтирганлар эди, дунё ишларида ростгўйликларини тасдиқлаш яна ҳам авло эди.

ЁМОН ГУМОН КЕЛИБ ҚОЛМАСИН!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Завжалари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо кечаси зиёрат қилгани келдилар. Бир оз суҳбатлашгач қайтиш  учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани турдилар. Онамизнинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.
Ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб:
-   Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.
-   Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – дейишди.
-   Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон(гумон) келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

МЎМИННИНГ ҚАНОАТИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ямандан ўн уч кишилик вакил билан бир йигит ҳам бирга келди. Ўринларидан туриб кетаётганлирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларга нисбатан одатларига кўра уларнинг ҳар бирига совға бердилар. Сўнг уларнинг ҳаммалари совға олганларига ишонч ҳосил қилиш учун:
-   Сизлардан яна бирор киши қолдими? – деб сўрадилар.
-   Бир йигит бор эди – орамизда ёшроғимиз, юкларимизга қараб тургани қўйиб кирдик, – дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳам совғасини олиши учун чақиртирдилар. У кириб сўз бошлади:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг ҳожатим шерикларимнинг ҳожати каби эмас, агарчи улар ҳам Исломга рағбат қилган бўлсалар ҳам. Аллоҳга қасамки, Сиз Аллоҳдан мени мағфират қилишини, менга марҳамат қилишини ва бойликни қалбимга беришини сўрашингиз истабгина йўлга чиққанман.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганидек дуо қилдилар. Сўнг совғани бердилар. Ҳаммалари Яман томонга отланиб йўлга тушдилар.
Ўнинчи санада Минога улардан бир жамоат келиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳалиги йигитни сўрадилар. Улар айтдилар:
-   Аллоҳга қасамки, унга ўхшашини кўрмаганмиз! Аллоҳ берган ризқига ўша йигитдек қаноат қилган одамни эшитмаганмиз. Агар унинг атрофида одамлар бутун дунёни тақсимлам турган бўлса ҳам улар сари назар ташлаб ҳам қўймайди, унга илтифот ҳам қилмайди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлиб кетдалар ва:
-   Алҳамду лиллоҳ. Мен бира тўла вафот этишидан умидим бор – дедилар. Улардан бири сўради:
-   Инсон бира тўла вафот этмайдими?
-   Дунё водийларида (инсоннинг) ҳаво(кўнгил хоҳишлари) ва ташвишлари тарқалиб кетади. Этимол унинг ажали ўша қодийларнинг бирида етиб келар. Уларнинг қайсисида ҳалок бўлса ҳам Аллоҳ Азза ва Жалла эътибор бермайди.


ХАБАРГА ИСБОТ КЕРАК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Ҳорис ибн Зирор Хузоийнинг олдига ўзи ва қавмининг закотиги тўплашда итоат қилиш учун юборди. Валид йўлга чиқди. Лекин йўлнинг хатарларидан қўрқиб, қайтиб келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Ҳорис ибн Зирор закотни бермади. Қўполлик қилиб ҳайдаб юборди, – деди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис Исломга янги кирганлигидан яна аввалги ҳолатига қайтдимикин деган фикрга бордилар. Ҳорис эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган аҳдидан қайтмаган эди. Яъни закотларни тўплаб, Пайғамбардан вакил келиб тўпланган закотларни олиб кетшини кутиб турган эди. Бироқ ҳадеганда вакил келмаганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигимга ва закотни тўплашга берган аҳдимда шубҳа қилиб қолдимикин деган ҳаёлда шошилиб қавмидан бир неча нафарини олиб, тўпланган закотларни туяга юклаб Мадинага – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурлирига йўлга чиққан эди.
Йўлда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юборган вакилларга йўлиқиб қолди. Улар нима бўлганини аниқлаш учун келишаётганларини айтишди. Агар Валид айтган сўзлар ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса, булар билан урушгани келишаётганлирини билдиришди.
Ҳорис ҳайрон бўлди. Валид у ёқларга умуман бормаганлиги, у ҳақда ҳеч нарсадан хабари йўқлиги ва вакил шошқалоқлик қилганлигига, ўзи ҳам, унинг яқинлари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳдларида соит эканлигига қасам ичди. Кейин ҳаммалари биргалашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишса, Валид ҳам шу жойда экан. Валид яна аввалги гапларини қайтарди. Ҳорис ҳам вакилларга нимани айтган бўлса шуни қайта сўзлаб берди. Шундаат унинг ҳақида оят нозил қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот, 6)
Шу билан унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида диний мақомати собит бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ишнч ва эътиқоди тасдиқланди. Валиднинг эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган баҳонаси ёлғонлиги, Ҳорисга йўлиқмаганлиги фош бўлди.


ОЖИЗЛАРГА ЁРДАМ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бозорга кирдилар. Абу Жаҳл бир киши билан туяни арзимаган нархда савдолашиб турган эди. Атрофдаги одамларнинг биронтаси ҳам Абу Жаҳлдан ҳайиққанлигидан баландроқ нарх айтишга журъат қилиша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб нархни кўтариб сўрадилар. Абу Жаҳл ҳам нархни кўтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ҳам юқорироқ нархда сўрадилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча нархни қўшса Абу Жаҳл ҳам шунча қўшаверди. Бу ҳолат анча давом этди. Охири туянинг нархи жуда ҳам ошиб кетди. Охири Абу Жаҳл нархни кўтара олмй қолди. Туяни сотиб ололмай, шарманда бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяни жуда ҳам юқори баҳода сотиб олиб, эгасига ҳақини бердилар.


МУҲАММАД САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ МЕРОСЛАРИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Мадина бозорининг ёнидан ўтаётиб тўхтади ва:
-   Ҳой бозор аҳли! Нега қараб турибсизлар?
-   Нима гап, эй Абу Ҳурайра? – дейишди одамлар.
-   Масжидда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари тақсим қилиняпти. Сизлар эса бу ердасизлар! Бориб ўз тегишиларингизни олмайсизми?
Одамлар шошилиб чиқиб кетишди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу токи улар яна қайтиб келгунларига қадар жойларидан жилмай турдилар. Сўнг:
-   Нима бўлди? – деб сўради.
-   Эй Абу Ҳурайра, масжидга бордик. Кириб қарасак тақсимланадиган ҳеч нарсани кўрмадик-ку? – дейишди бозорчилар.
-   Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми? – сўради Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
-   Кўрдик. Одамлар баъзилари намоз ўкимоқда, баъзилари Қурон қироат қиляпти, яна бошқалари ҳалол ва ҳаромни зикр қилишмоқда, – дейишди.
-   Ҳолингизга вой бўлсин! Ўша-да – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари! – деди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.

ҲАЗРАТ УМАР ВА ПАТРИАРХ
Мусулмон лашкари Байтул Мақдисни қамал қилиб олишганларида танг ҳолатда қолган Байтул Мақдис аҳолиси Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ўзи волийлик қилишини шарт қилиб сулҳ тузишни талаб қилдилар. Патриарх Сафрония шаҳар калъасининг тепасига чиқиб, қамал қилгувчиларга қараб:
-   Биз сизларга таслим бўлишни хоҳлаймиз. Фақат бир шартимиз бор – сизларнинг раҳбарларингиз ўзи келсин, – деди.
Лашкарбошини рўпара қилишган эди:
- Йўқ! Биз сизларнинг энг катта раҳбарларингиз – мўъминларнинг амири келишини истаймиз! -  деди.
Шунда лашкарбоши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат ёзди:
“Одамлар шаҳарни топширмоқчи бўлишяпти. Аммо улар бу иш шахсан сизнинг қўлингиз билан бўлишини шарт қўйишмоқда”.
Умар бир дона улов ва бир қул билан Байтил Мақдис томон йўлга чиқди. Шаҳар ташқарисига келиб қолганда қулга:
- Биз – икки кишимиз. Улов эса битта. Мен миниб олиб сен пиёда юрсанг сенга зулм қилган бўламан. Сен миниб олиб мен пиёда юрсам сен менга зулм қилган бўласан. Иккаламиз ҳам миниб олсак туянинг белини синдириб қўйишимиз мумкин. Энди йўлни учга бўламиз, - деди.
Умар разияллоҳу анҳу бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, қул ҳам бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, яна бир манзил туяга ҳеч ким минмасдан борадиган бўлдилар.
Шундай қилиб шаҳардан чиқиб ўзи, қул ва туя ўрталарида йўлни учга тақсим қилдилар. Қуддус яқинидаги тоққа етиб манзилга яқин қолганида Умар разияллоҳу анҳунниг туяга миниш навбати тугаб қолди. Туянинг тепасида туриб такбир айтди. Сўнг қулга:
-    Энди сенинг навбатинг келди. Туяга мин! – дедилар.  Қул:
-   Эй мўъминларнинг амири. Шаҳарга келиб қолдик. Зинҳор туядан тушманг, мен ҳам асло минмагайман! Биз шундай шаҳарга яқин келиб қолдикки, бу шаҳарда маданият ва тараққиёт ривожланган. Бу ерда яхши эгарланган зотдор отлар ва олтин аробалар бор. Агар биз шу ҳолатда – мен туяга миниб мўминларнинг амири унинг тизгинидан етаклаб кириб борсак ерлик аҳолининг фикри ўзгариб, устимиздан кулишлари мумкин. Бу эса бизнинг нусратимизга салбий таъсир қилиши мумкин, - деди.
-   Йўқ! – деди Умар разияллоҳу анҳу, – Навбат сеники. Агар менинг навбатим бўлганида эди, мен тушмаган, сен минмаган бўлур эдинг. Аммо навбат сенга келди. Аллоҳга қасамки, албатта тушаман ва сен миниб оласан!
   Қул туяга минди, Умар разияллоҳу анҳу пастга тушиб туянинг тизгинидан етаклаб олди. Шаҳар қалъасига етиб келганларида Димашқ номли дарвозанинг ташқарисида Патриарх Сафрония бошчилигида насоролар уларни кутиб олгани пешвоз чиқишди.  Мўминларнинг амири тушовни етаклаб, унинг ғуломи туяга миниб келаётганини кўрганларидан Умар разияллоҳу анҳуни улғлуб сажда қилгани бош қўйишган эди, ғулом туяда ўтирган кўйи қўлидаги асони силкитиб қичқирди:
-   Тўхтанг! Бошларингизни кўтаринг! Аллоҳдан бошқага сажда қилиш асло мумкин эмас!
Бошларини кўтаришган замон Патриарх Сафрония дод солиб йиғлаб юборди. Умар разияллоҳу анҳу унинг фикри тиниқлигига таъсирланганидан шодланиб яқин борди. Патриарх Сафрония:
-   Менинг йиғлашимнинг сабаби – аниқ билдимки, Сизнинг давлатингиз боқий бўлғуси! Тарқоқ ҳам бўлмас, бўлиниб ҳам кетмас!


ИСЛОМИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Умар разияллоҳу анҳу Қуддусга киргач шаҳар аҳлига омонлик хатини ёзиб берди. Сўнг ҳозирги кунгача Ҳазрат Умар масжиди деб номланадиган масжид ўрнида намоз ўқиди. Бу кун тарих зарварақларига Умар разияллоҳу анҳу учун, Ислом учун абадий қайд қилиб қўйилди.
Ўша куни патиарх Сафрония Умар разияллоҳу анҳуга канисани кўриб чиқишни таклиф қилган ва мўминларнинг амири бунга рози бўлган эди. Иттифоқо, улар канисадалик чоғларида намоз вақти бўлиб қолди. Ҳазрат Умар патриархга илтифот қилиб:
-   Намозни қаерда ўқиб олсам бўлади? – деди.
-   Мана шу турган жойингизда ўқийверинг, – деди Сафрония.
-   Агар Умар канисада намоз ўқиса, ундан кейин мусулмонлар келиб “Шу жойда Умар намоз ўқиган” деб ўша жойда масжид барпо қиладилар – деди Умар разияллоҳу анҳу ва атрофини тозалаб, абоси(чопони)ни ёзиб, намозини ўқиди.
У зотдан сўнг мусулмонлар ўша жойга келишиб, намоз ўқиган жойида масжид барпо қилишди. Ва у бугунги кунга қадар “Қиёмат канисаси” (Европада аталиши бўйича“Чўқинтириш черкови”) билан ёнма-ён туради.


АҲДГА ВАФО ИМОНДАНДУР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир кампир кириб келди.
-   Сен кимсан? – сўрадилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳиссона ал-Музайянаман, – жавоб берди кампир.
-   Сен Ҳиссонамисан? Қандоқсизлар? Аҳволларингиз қандай? Биздан кейин қандай бўлдиларингиз? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, Эй Аллоҳнинг расули! Яхши, – жавоб берди кампир.
Кампир чиқиб кетганидан сўнг Оиша разияллоҳу анҳо:
-   Бу кампирга нега бунча илтифот кўрсатдингиз? Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   У Хадича (ҳаёт бўлган) вақтларида бизга келиб турар эди. Аҳд гўзаллиги имондандур.


ЙЎЛ БЎЛСИН, АБУ УМАЙЯНИНГ ҚИЗИ?
Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилганида туясини сафарга ҳозирлаб, ўғилчасини бағрига олиб йўлга тушди. У Мадина томон чиқар экан, ёнида ҳеч ким йўқ эди. Йўл асносида Талҳа ибн Абу Талҳанинг Усмон исмли ўғлига йўлиқиб қолди.
-   Эй Абу умайянинг қизи, қаёққа? – сўради Усмон.
-   Мадинага, турмуш йўлдошимни истаб кетяпман, – жавоб берди Умму Салама.
-   Биронта ҳамроҳинг борми?
-   Йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва мана бу ўғлимгина ҳамроҳ.
-   Аллоҳга қасамки, сени ёлғиз ташлаб қўймагайман! – деб Усмон туянинг жиловини тутиб Умму Салама билан йўлга тушди.
Умму Салама разияллоҳу анҳо айтадилар: “Аллоҳга қасамки, араблар ичида ундан-да мукаррамроқ кишини учратмадим. Бир манзилга етсак, мен тушиб олишим учун туяни чўккалатар эди. Кейин мен туядан тушиб олгунимча узоқроққа бориб турар, мен тушиб олганимдан сўнг туяни дарахтга боғлар эди. Сўнг мени ҳоли қолдириб, ўзидарахт соясига бориб ёнбошлар эди.
Йўлга тушадиган бўлсак туяни менга ҳозирлаб бериб, яна орқароққа кетар ва “Туяга миниб ол” дер, туяга миниб яхшилаб ўрнашиб олганимдан сўнг келиб туянинг тизгинидан ушлаб етаклаб кетар эди. Шу ҳолатда Мадинага – турмуш йўлдошимнинг олдига етиб бордик”.
Яна айтар эдилар: “Аллоҳга қасамки, Исломда Абу Саламнниг хонадоничалик мусибат кўрган хонадонни билмадим. Усмон ибн Абу Талҳачалик мукаррам ҳамроҳни кўрадим. Ҳолбуки, у ўша ҳамроҳлик пайтида ҳали кофир эди”.
Усмон ибн Абу Талҳа кейинчалик – Ҳудайбия сулҳида мусулмон бўлган эди.


МОХОВ, КАЛ ВА КЎР ҚИССАСИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Бани Исроилдан уч кишини – мохов, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, уларга фариштани жўнатди. У моховнинг олдига келиб:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деди.
-   Чиройли ранг, чиройли тери ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли ранг, чиройли тери ато қилинди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Туя, – деди.
Унга ўн ойлик бўғоз туя бериб:
-   Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин калнинг олдига келиб:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
-   Чиройли сочлар ва одамлар мендан жирканадиган нарса кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли соч ато қилинди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Қорамол, – деди.
Унга бўғоз сигир берди ва:
-   Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин кўрнинг олдига борди ва:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
-   Аллоҳ менга кўриш қобилиятимни бериши, – деди.
Фаришта уни силади, Аллоҳ унга кўриш қобилиятини берди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Қўй, – деди.
Унга бўғоз қўй берди ва дуо қилди.
Туя, қорамол ва қўйлар кўпайиб кетди. Биринчисининг бир водий туяси бўлди. Иккинчисининг бир водий қорамоли бўлди. Учинчисининг бир водий қўйи бўлди.
Кейин фаришта моховнинг олдига унинг шифо топиши ва бойиб кетишидан аввалги кўриниши ва суратида келди. Унга:
-   Мен мискин кишиман. Сафаримда боримдан ажрадим. Бугунги кунда Аллоҳ ва Ундан сўнг сендан бошқа борар жойим қолмади. Сенга чиройли ранг ва чиройли ҳусн берган Зот ҳақи сўрайман – бир дона туя бер, сафаримни якунлаб олай, – деди.
Мохов унинг сўраган нарсасини беришдан бош тортди. Мискин суратдаги фаришта:
-   Аллоҳга қасамки, мен сени таниётганга ўхшаяпман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва фақир бўлган эмасмисан? Аллоҳ сенга (бу неъматларни) ато қилмадими? – деб сўради.
-   Йўқ. Мен бу молни мерос қилиб олганман, – жавоб қайтарди мохов.
-   Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта.
Сўнг фаришта калнинг олдига унинг суратида бориб унга ҳам шунга ўхшаш гап айтди. У ҳам аввалгига ўхшаб қайтарди.
-   Агар ёлғон гапираётган бўлсанг Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта унга ҳам.
Ундан сўнг кўрнинг олдига унинг сурати ва кўринишида борди ва ундан хайр-эҳсон сўради. Шунда кўр бўлган киши:
-   Эй, бу киши! Мен ҳам кўр бўлган эдим, Аллоҳ кўриш қобилиятимни қайтарди. Камбағал бўлган эдим, Аллоҳ мени бой қилди. Хоҳлаганингча олиб, холаганингча қолдир! Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олган нарсангга ҳеч ҳам чарчамайман! – деди.
Шунда фаришта:
-   Молингни ўзингга олиб қол. Мен уларни ҳам синаган эдим, Аллоҳ сендан рози бўлди. Иккала бирдарларингга эса ғазаб қилди.


КАРАМЛИЛАРНИНГ КАРАМЛИРОҒИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Халқнинг ҳисобига ким эгалик қилади? – деб сўради.
-   Аллоҳ азза ва жалла, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Бир Ўзими? – сўради аъробий.
-   Ҳа, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аъробий табассум қилди.
-   Нега куляпсан, эй аъробий? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Шубҳасизки, саҳоватли Зот қодир бўлар экан, кечириб юборади-да! – жавоб берди аъробий.
-   Тўғри айтдинг. – Аллоҳ азза ва жалладан ҳам кўра олийжаноброқ саҳоватли зот йўқ. У карамлиларнинг ҳам карамлироғидур! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобга юзланиб: - Аъробий фақиҳ бўлибди – дедилар.



Абдуллоҳ ибн Умму Мактум
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Аббос ибн Абдулмутталибларнинг имон келтиришларига жуда ҳам ҳарис эканликларидан улар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Жанобнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз киши баланд овоз билан:
-   Эй Муҳаммад! Аллоҳ Сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг! – дея хитоб қилиб келиб қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларини кариҳ кўриб юзларини буриб, қовоқларини солиб олдилар ва наригиларга юзландилар. Сўнг суҳбатларини тамомлаб, энди аҳлига қайтмоқчи бўлиб турган эдилар Аллоҳ таоло жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларини тўсдилар ва бошлари хам бўлиб қолди. Шу ҳолатда ушбу оятлар нозил бўлди:
عَبَسَ وَتَوَلَّى * أَن جَاءهُ الْأَعْمَى * وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى *  أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى *
“Афтини буриштирди ва юз ўгирди. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”.
Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қачон ибн Умму Мактумни кўрсалар ридоларини ёзиб: “Хуш келибсиз, Раббим мени итоб қилишга сабабчи бўлган зот!” деб кутиб олардилар.


ТИЛИНГНИ, ҚАЛБИНГНИ ВА КЎЗИНГНИ САҚЛА!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бир ой рўза тутаман, бошқа зиёда қилмайман. Беш маҳал намоз ўқийман, ундан зиёда қилмайман. Молимдан Аллоҳ таоло йўлида садақа ва эҳсоним ҳам йўқ. Мен вафот қилсам қаерда бўламан?
-   Жаннатда, – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Сиз биланми, Эй Аллоҳнинг расули? – сўради у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қидилар ва:
-   Ҳа. Мен билан бўласан. Агар қалбингни икки нарсадан – кин ва ҳасаддан сақласанг, тилингни икки нарсадан – ғийбат ва ёлғондан сақласанг, кўзингни икки нарсадан – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ва мусулмонни пойлашдан сақласанг ўша икки хотиржамлик ила мен билан жаннатга кирасан, – дедилар.


ЭРИГА ЯХШИ ХОТИН БЎЛИШИЛИК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби билан ўтирган эдилар Асмо бинту Язид исмли ансория аёл келиб қолди ва сўз бошлади:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ота онам Сизга фидо бўлсин. Мен аёлларнинг Сизга вакилиман. Шубҳасизки, Аллоҳ азза ва жалла Сизни бира тўла эркакларга ҳам хотинларга ҳам жўнатган. Сизга ва Аллоҳга имон келтирдик. Бизлар чегараланган ва чекланган, уйларингизда ўиргувчи, шаҳватларингизни қондиргувчи ва фарзандларингизни кўтаргувчи аёллар жамоасимиз. Сизлар эса эркаклар жамоасисиз. Бизлардан жам ва жамоатда, касалларни зиёрат қилишда, жанозаларга қатнашишда, ҳаждан сўнг яна ҳаж қилишда афзал бўлдингиз. Қачон эркаклар ҳаж ёка умрага чиқсалар молларингизни муҳофаза қиламиз, кийимларингизни тикиб берамиз, фарзандларингизни тарбиялаймиз. Шундоқ экан, биз ҳам сизларга ўша савобларда шерик бўлмаймизми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобига юзларини буриб ўгирилиб қарадилар ва сўрадилар:
-   Динининг ишларида шу бўйича чиройли савол берган аёлни эшитдиларингизми?
-   Эй Аллоҳнинг расули! Хотин киши бунча нарсага эришади деб ўйламадик, – жавоб бердилар асҳоб.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлга юзландилар ва жавоб бердилар:
-   Эй аёл, фаҳлаб ва билиб ол! (Сен ва) ортингдаги аёллар! Хотин кишининг эрига чиройли рафиқа бўлиши, унинг розилигини исташлиги, мувофиқотларига эргашишлиги ўшаларнинг ҳаммасига тенг бўлади.
Аёл шод бўлиб чиқиб кетди.

СЕН УНИ ТАНИМАС ЭКАНСАН

Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир киши келиб бир кишини мақтади.
-   Сен унинг кириш-чиқишини яхши биладиган яқин қўшнисимисан? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Сен унинг гўзал ахлоқига далолат қилувчи сафарида ҳамроҳи бўлганмисан?
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Кишининг тақвосини кўрсатгувчи динор ва дирҳамларининг муомаласидамисан?
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Ўйлашимча сен унинг масжидда овозини баланд қилиб, бошини гоҳ тушириб, гоҳ кўтариб Қурон ўқиб турганини кўрган бўлсанг керак? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, – деди у.
-   Бор, сен танимас экансан уни, – деди ҳазрат Умар. Сўнг нариги кишига юзланди: - Бор, сени танийдиган кишини топиб кел.


Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Рабиъа Асламий ўрталарида гап ўтиб қолиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ёмонроқ сўз айтиб юборди. Кейин надомат қилиб:
-   Эй Рабиъа, айтган сўзимни ўзимга қайтариб айт, токи қасос бўлсин! – деди.
-   Ундай қилмайман! – деди Рабиъа.
-   Ё айтасан, ё эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳимоя сўрайман! – деди саййидимиз.
-   Барибир айтмайман! – қайтарди яна.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. Ортидан Рабиъа ҳам йўлга тушди. Бир неча мусулмонлар келиб айтишди:
-   Аллоҳ Абу Бакрга раҳм қилсин! У сенга нима деса деб бўлди.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тарафини олармиди?!
-   Биласизларми, бу ким? Бу – Абу Бакр Сиддиқ! У ғордаги икки кишининг бири. У киши мусулмонларнинг муҳтарами. Сизлар менга илтифот қилманглар. У менинг тарафимни олаётганларингизни кўриб қолиб ғазаби чиқса ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борса, ул зот ҳам унинг ғазаби учун ғазабланса, уларнинг ғазаблари учун Аллоҳ азза ва жалла ҳам ғазаб қилса Рабиъа ҳалок бўлади! – жавоб берди Рабиъа.
-   Унда нимага буюрасан?
-   Қайтинглар.
Абу Бакр йўлга тушди. Ортидан Рабиъа ўзи ёлғиз борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бўлган гапни айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларини кўтариб:
-   Эй Рабиъа, сенга нима бўлди? (Бу) Сиддиқ бўлса? – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Шундоқ-шундоқ бўлди. Менга ўзим ёқтирмаган сўзни айтиб, “Мен сенга қандай айтган бўлсам, сен ҳам айт, токи қасос бўлсин” деди. Мен унамадим – деди у.
-   Тўғри қилибсан. Унга қайтарма! Лекин “Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин” деб айт, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, – деди у.
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу йиғлаганча ортига қайтиб кетди.


ҲАРОМ МОЛ ЕГАННИНГ ЖАЗОСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Абу Нофеъ ривоят қилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиганларидан сўнг Авс ансорларидан бану Ашҳалга бориб улар билн суҳбатлашар ва яна шомгача қайтиб келишга шошилар эдилар. Иттифоқо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб масжидга яқинлашиб қолганларида, Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъга етганларида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.”
Абу Нофеъ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу сўзларни эшитишга тоқат қила олмади.
“Мен секинроқ юриб орқароқда қолдим, - дейди Абу Рофиъ, - Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – деб қолдилар.
-   Бирор нарса рўй бердими Эй Аллоҳнинг расули? – десам:
-   Нега ундай (деяпсан)? – деб сўрадилар.
-   Менга “туф!” дедингиз-ку?
-   Йўқ. Лекин  бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзи учун жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг мислича олов сипқормоқда, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


САЪЛАБА ИБН ҲОТИБ
Саълаба ибн Ҳотиб ал-Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида доимо масжидда бўлганлигидан “масжиднинг каптари” деб ном олган эди. У дунё тиркчилигидан танг аҳволда қолди. Ризқи торлиги уни мағлуб қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ризқини кенг қилиб беришлигини сўраб беришликни илтимос қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб қилдилар:
-   Шўринг қурғур, эй Саълаба! Сен шукр қиладиган оз нарса тоқатинг етмайдиган кўпдан яхшироқдур.
У эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди ва агар Аллоҳ унга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо қилишликни бўйнига олишга аҳд қилганини изҳор қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло дуони ижобат қилди. Саълабанинг мол-дунёси кўпайди. Масидга бир маҳал келса, бир маҳал келмайдиган бўлиб қолди. Мол-дунёси кўпайиб, шаҳар унга торлик қилиб қолди. Намозни тарк этди. Унинг бойлиги Раббисини эслашни ҳам унутдириб қўйди.
Қурони каримда закот фарзлиги ҳақида оят нозил бўлди:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“Уларнинг молларидан садақани ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир”. (Тавба. 103)
Саълабанинг мол-дунёсига йил тўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг молидан Аллоҳнинг ҳақини талаб қилиб вакил юбордилар. Элчи Саълабанинг ёнига келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг топшириғини етказганда Саълабага дунё тор кўриниб кетди.
-   Бу жизя-ку! – деб аҳдини унутди. Ваъдасига хилоф қилди.
Қуронда Саълаба Маҳшаргача мунофиқлар қаторида бўлишлиги ҳақида оят нозил бўлди:
 وَمِنْهُم مَّنْ عَاهَدَ اللّهَ لَئِنْ آتَانَا مِن فَضْلِهِ لَنَصَّدَّقَنَّ وَلَنَكُونَنَّ مِنَ الصَّالِحِينَ * فَلَمَّا آتَاهُم مِّن فَضْلِهِ بَخِلُواْ بِهِ وَتَوَلَّواْ وَّهُم مُّعْرِضُونَ * فَأَعْقَبَهُمْ نِفَاقاً فِي قُلُوبِهِمْ إِلَى يَوْمِ يَلْقَوْنَهُ بِمَا أَخْلَفُواْ اللّهَ مَا وَعَدُوهُ وَبِمَا كَانُواْ يَكْذِبُونَ
“Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор. У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар. Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди” (Тавба. 75 – 77)


ИСЛОМИЙ АДОЛАТ ВА ОЛИЙЖАНОБЛИК
Сайфуллоҳ – Холид ибн Валид қўмондонлик даврида Химс фатҳ қилинди. У жойга адолат ва инсоф ила ҳукм қилувчи волийлар тайинланди. Химслик насронийлардан адолат билан жизялар олинди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Химсда қолган волийга Рум лашкари жамланиб, нсронийларни мусулмонларнинг қўлидан озод қилиш учун Химс томон юриш бошлаганларининг хабари келиб қолди. Ҳарбий қўмондон кенгаш ўтказди. Душман лашкари мусулмонларга нисбатан жуда ҳам катта миқдорда ортиқлигини ҳисобга олиб, хатарда қолмаслик учун кўпчиликнинг фикри ва таклифи билан чекиниб туришликка қарор қилинди.
Қўмондон насронийларнинг катталарини чақиртирди ва уларга шундай деди:
-   Биз кечагина жонларингизни муҳофаза қилиш, молларингизни асраш ва осойишталигингизни сақлаш учун сизлардан жизя олган эдик. Энди эса кутилмаганда душман лашкари биз томон бостириб келмоқда. Улар билан жанг қилишга бизнинг имконимиз йўқлигидан чекинишга азм қилдик. Шунинг учун сизларнинг  тўлаган жизяларингизни қайтариб бермоқчимиз.
Химс насронийлари жавоб беришди:
-   Эй қўмондон! Биз ўтган қисқа вақт мобайнида сизларнинг олийжаноблигингиз ва адолатингизни кўрдик. Румнинг эса, илгари кўп жабру жафолари ва зулмларини кўрганмиз. Сизларнинг адолат ва олийжаноблигингиз бизлар учун Румнинг жабри ва зулмидан кўра яхшироқдур. Эй қўмондон! Сени сабр қилиш ва улар билан жанг қилишга чақирамиз. Биз сизлар билан елкма-елка бўлиб бор қувватимиз билан душманга қарши жанг қиламиз! Тирик қолсак мусулмонларнинг адолати соясида қоламиз. Ўлсак Раббимизга қайтажакмиз!
Шундай қилиб исломий адолат ва олийжаноблик шарофати ўлароқ Химс насронийлари мусулмонлар билан бирга Румларга қарши жангга киришди.


ЗАРАРКУНАНДА
Ансорийлардан бирининг ҳовлисида бошқа одамнинг хурмоси бор эди. Хурмо унга жуда кўп халақит берар ва ундан ўз ҳовлисида анча зарар кўрар эди. Хурмонинг эгасидан уни сотишликни сўради, кўнмади. Кўчириб олишликни ёки ўрнига бошқа хурмони алмаштиришликни сўради, кўнмади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб ҳолатни айтиб берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмонинг эгасидан хурмони сотишни талаб қилдилар, кўнмади. Кўчиришни талаб қилдилар, кўнмади.
-   Ундай бўлса бунга совға қил, сенга шундай-шундай нарсалар бўлади, – дедилар. (Чамаси, жаннатдаги маконлардан бўлса керак. Валлоҳу аълам) Унга ҳам кўнмади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: - Сен зараркунанда экансан! – дедилар-да, ансорийга ўша хурмони кесиб юборишни буюрдилар.


ТОРТИШУВНИ БАС ҚИЛИНГ!
Улуғ саҳобийлардан бири айтади:
“Бизлар дин ишлари ҳақида тортишиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар. Бизларни кўриб шундай қаттиқ ғазабландиларки, ҳеч ҳам бунчалик ғазабланмаган эдилар. Сўнг бизларни тўхтатдилар-да, насиҳат қилдилар:
-   Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммати! Сизлар шу нарсага буюрилганмисизлар?! Сизлардан аввалгилар ҳудди шунга ўхшаш нарса билан ҳалок бўлган эди. Тортишувни бас қилинглар, унда билим кам ҳосил бўлади. Тортишувни бас қилинглар, чунки киши (тортишганда бирибир) тан олмайди. Тортишувни бас қилинглар, чунки тортишгувчи бутунлай мағлуб бўлғусидур. Тортишувни бас қилинглар, тортишув, давомийлигидан гуноҳликка кифоя қилади. Тортишувни бас қилинглар, чунки мен тортишгувчини қиёмат кунида шафоат қилмайман. Тортишувни бас қилинглар, чунки менга Раббим бутларга ибодат қилишдан кейин энг аввалги қайтарган нарсаси тортишувдур! Инсонларнинг ичида Аллоҳ энг ёмон кўргани ашаддий тортишгувчидур!”


МЕҲНАТДА БАРАКА БОР
Али ибн Абу Толиб саҳар тонгда бола-чақасига егулик топиш учун иш истаб чиқди. Лой қориш учун қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келди. Ишни маъқул кўриб, бир пақир сувга бир донадан хурмога келишиб, ишга рози бўлди.
Натижада йигирма дона хурмога яраша ишлади. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.
-   Бу – хурмо. Лайф арқонда қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, эвазига топган хизмат ҳақим, – деди ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини силаб уқалаб қўйдилар.  Сўнг юзини сийпалаб туриб:
-   Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – дедилар ва яна: - Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.


МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИ
Мурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус эди. Қўриқчи унга айтди:
-   Мен сени қўйиб юбормоқчиман. Агар ҳар хафтада бир маротаба уйингга бориб келишингга рухсат берсам, қамоқхонага қайтиб келасанми?
-   Ҳа, – деди у.
Шундай қилиб ҳар хафта бир марта уйига бориб келар эди.
Хаворижлардан баъзилари ўлимга маҳкум бўлишди. Миршаб ибн Зиёд билан маслаҳатлашди. Ибн Зиёд қамоқдаги хаворижларнинг ҳаммасини ўлдиришга буюрди. Бу пайтда Мурдос қамоқдан ташқарида эди. Уй аҳли:
-   Жонингни эҳтиёт қил. Агар қамоқхонага борсанг сени ўлдиришади, – дейишди.
-   Мен Аллоҳга хиёнатчи ҳолатимдан рўбарў келишни хоҳламайман! Зиёднинг ўғли золим киши, қўриқчини ўлдириб қўяди, – деб қамоқхонага қайтиб борди. Қўриқчига айтди:
-   Сенга бирор озор етмасин деб қайтиб келдим. Ҳўжайининг бизнинг шерикларимизни нима қилишга азм қилган бўлса, мени ўша жойга олиб туш!
-   Хоҳлаган жойингга кетавер! Аллоҳ сенга нажот берди, – жавоб берди қўриқчи.


Сен ўзинг оиланг билан е!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келди ва:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалок бўлдим ва ҳалок қилдим! – деди.
-   Сени нима ҳалок қилди? Сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Рамазонда, рўза ҳолимда аёлимга воқеъ бўлиб қолдим.
-   Қул озод қил, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Имконим етмайди.
-   Икки ой пайдар-пай рўза тут.
-   У нарсага тоқатим етмайди.
-   Олтмиш мискинга таом бер.
-   Менда таом бериш учун молим йўқ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир замбарда ўттиз соъ хурмо олиб келдилар ва:
-   Мана буни садақа қил, – дедилар.
-   Аллоҳга қасамки, Эй Аллоҳнинг расули! Бу нарсага икки Лоба (Мадинаи мунавварани атрофидаги тошлоқ жойлар) орасида мендан кўра муҳтожроқ киши топилмайди, – деди аъробий.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишларигача кўринди. Сўнг анга айтди:
-   Сен ўзинг оиланг билан е!


ҲОТАМТОЙНИНГ ХУЛҚИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам давриларида Тай қабиласининг ғазоти тамомига етди. Асирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келинди. Уларнинг орасидан бир аёл ўрнидан туриб сўз бошлади:
-   Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хўп десангиз арабларга мени кулгу қилмай ўз йўлимга жўнатиб юборсангиз. Шундай қиларсиз деб умид қиламан. – Сўнг илтимоси қабул бўлиши учун ўз шаънини эслатиб қўйди: - Менинг отам очларни тўйдирар, мазлумларни озод қилар, муҳтожларга ёрдам берар, ҳожатмандларнинг талабини асло қайтармас эди. Мен Ҳотам Тай (Той)нинг қизиман.
-   Эй қизгина! Дарҳақиқат, отангнинг ахлоқи исломий ахлоқ эди. Отанг мусулмон бўлганда эди, биз унга раҳмат сўраган бўлур эдик, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобига юзландилар: - арқонни бўшатинглар. Қўйиб юборинглар. Унинг отаси ахлоқларнинг мукаррамини яхши кўрар эди.


ТЎҒРИ СЎЗ СОВЧИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззини Билол ҳабаший (разияллоҳу анҳу) укасига Қурайш аёлларидан бирининг қўлини сўраб борди. Уларга шундай деди:
-   Бизларни яхши танийсизлар. Қул эдик, Аллоҳ таоло бизларни озод қилди. Залолатда эдик, Аллоҳ таоло бизларни ҳидоят қилди. Камбағал эдик, Аллоҳ таоло бизларни бой қилди. Мен сизлардан қизларингизни укамга сўраб келдим. Берсаларингиз – Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Бермасаларингиз – Аллоҳу акбар!
Улар ўзаро маслаҳатлашишди. “Билолнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигини, ҳамроҳликарини ва мақомини ҳам яхши биласизлар” деб қизларини беришга рози бўлдилар.
Улар қайтар экан укаси сўради:
-   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигимиз ва бирга доимий ҳамроҳлигимизни айтиб, бошқасини айтмай қўяверсангиз бўлмасмиди?
-   Мен ҳақ сўзни айтдим ва сенга ҳақ никоҳни раво кўрдим! – жавоб берди Билол разияллоҳу анҳу.


ТЎҒРИ СЎЗЛИК
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий хутбани чўзиб юборди. Шунда намозни ўз вақтида адо қилишга ҳарис бўлган бир киши ўрнидан туриб:
-   Ҳой намознинг амири! Вақт сенга қараб турмайди. Тангри узр қилмайди! – деди.
Ҳажжож уни ҳибс қилишликка буюрди. Унинг қавми Ҳажжожнинг олдига келишди. Уни мажнун дея қўйиб юборишини сўрашди.
-   Ҳақиқатан ҳам мажнунлигига иқрор бўлса, қўйиб юбораман, – деди Ҳажжож. Ундан сўрашган эди:
-   Аллоҳ сақласин! Аллоҳ таоло менга бундай бало берган деб ўйламайман. Мени мажнунликдан сақлаган, – деб жавоб берди.
Ҳажжожга шундай деб айтишган эди, ундаги тўғри сўзлик фазилатини ҳурматидан қўйиб юборди.


АДОЛАТЛИ ҲАКАМ
Оиша разияллоҳу анҳо айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан менинг ўртамизда гап ўтиб қолди.
-   Ўртамизга кимнинг ҳакам бўлишига рози бўласан? Абу Убайда ибн Жарроҳга рози бўласанми? – дедилар.
-   Йўқ. У кўнгли бўш одам. Сизнинг фойдангизга ҳукм қилиб қўяди, – дедим.
-   Отангга рози бўласанми?
-   Ҳа, – дедим.
Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сен айтиб бер, – дедилар.
-   Ўзингиз айтинг, – дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу (Оиша) – шундай-шундай” дедилар.
-   Тўғри гапиринг! – дедим. Абу Бакр қўлини кўтариб менга тарсаки туширди.
-   Ҳой Умму Руммоннинг қизи! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга “Тўғри гапиринг” дейсанми?! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламки, тўғри гапирмаса, унда яна ким тўғри гапирур?!
Оғзимдан қон оқиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртамизга тушдилар ва Абу Бакрга:
-   Биз сендан буни истамаган эдик! – дедилар. Кейин кийимимга оққан қонларни ювар экан: – Қара, сени у кишидан қандай сақлаб қолдим, – дедилар.


КЕЧИРИМЛИЛИК – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ
Имом Ҳусайн разияллоҳу анҳу билан ота бир укаси Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўртасида бир оз қўполлик содир бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя акасига хат ёзди:
“Ассалому алайкум. Сенинг отанг ҳам, менинг отам ҳам Али ибн Абу Толиб. Демак бу томондан мен Сиздан афзал бўла олмайман, Сиз ҳам мендан афзал бўла олмайсиз. Аммо менинг онам Бани Ҳанифадан бўлган бир аёл, Сизнинг онангиз эса – Фотимайи Заҳро! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, менинг ер юзи тўла онам бўлса ҳам Сизнинг онангизга тенг бўла олмайди. Менинг хитобим Сизга етиб бориши биланоқ мени рози қилиш учун етиб келинг. Чунки Сиз фазл соҳиби, бинобарин шундай олийжанобликка лойиқ ва муносибсиз”.
Имом Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг хатини ўқиб, қаттиқ таъсирланди. Унга нисбатан бўлган фикри яхшиликка ўзгарди. Бориб укасини рози қилди. Ўзига муносиб бўлган олийжанобликни адо қилди.


ЎЗИНГГА РАВО КЎРМАГАННИ БОШҚАЛАРГА РАВО КЎРМА
Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Ёш йигит келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менга зино қилишликка рухсат беринг, – деди. Одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
-   Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келиб рўпарасига ўтирди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?
-   Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
-   (Бошқалар ҳам) оналарига ўша ишни раво кўрмаслар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
-   Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. синглингга шу ишни раво кўрасанми?
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаси, холасини сўради. Йигит ҳар сафар “Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин!” дер эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмасилар” дер эдилар.
Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб: “Эй Аллоҳ! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!” деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.


УМАР ИБН АБДУЛАЗИЗНИНГ ОДОБИ
Халифа Умар ибн Абдулазиз одатига кўра раъиятнинг ҳолини билиш учун ёнида миршаб билан айланиб чиқди. Масжидга кирди. Қоронғуда ухлаб ётган одамнинг олдидан ўтаётиб унга қоқилиб кетди. Киши бошни кўтариб:
-   Нима, жиннимисан? – деди.
-   Йўқ, – жавоб берди халифа.
   Миршаб уни калтакламоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлаган эди, халифа уни тўхтатди:
-   Ундай қилма. У бор-йўғи мени “жиннимисан?” деб сўради, мен “йўқ” деб жавоб бердим, холос.


Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкди ва ҳажв қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилдилар.
Лекин у яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш ва ҳажв қилишда давом этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У яна йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан афв қилишини сўраб ёлборди. Аммо бу сафар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
-   Аллоҳга қасамки, Макканинг кўчаларида “Мен Муҳаммаднинг устидан икки марта кулдим!” деб юришингга йўл қўймайман! Ўлдиринглар уни! Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!


2014 йил 20-апрел, с 6:59. Асака.
Алҳамду лиллоҳ
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 13 May 2015, 13:35:36
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ
لَوْ أَنفَقْتَ مَا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً مَّا أَلَّفَتْ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَـكِنَّ اللّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ
”Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди” (Анфол. 63)
МУҲАББАТ
Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва даражалари амал ва эътиқодларига кўра турли туман бўлади. Мақомларнинг олий ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидур.
Ислом шариатида муҳаббат вожиб дея эътироф этилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса билдириб қўйсин, токи идрокларда қарор топсин, ому-хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати, балки бутун инсониятнинг саодати шундадур.
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар” дедилар.
Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули! Бизга хабар беринг, кимдур улар?”
Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаъатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйишганлардур. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдур. Улар нур узрадулар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар”. Сўнг тиловат қилдилар:

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ *  الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ *   لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир”. (Юнус. 62-64)
Бу ила бизларга ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ ва равшан баён қилиб берадиларки, буюк ва машҳуд кунда – Қиёмат кунида инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ бўлган маконига шошилишади. 
Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақоми ва олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.
Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятидаги маънавиятини кураш ва жанг майдонларида кўтаради. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.
Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ қилур ва одимларини тўғри йўлда собит қилгай. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга буркаб қўюр.
Қуйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва замонларидаги Аллоҳ учун бўлган муҳаббатларни баён қилмоқчимиз.

УСМОН ИБН АФФОННИНГ МУҲАББАТИ
Усмон разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга куёв бўлишлик муҳаббати жуда ҳам юқори эди. Бу буюк риштанинг узилиши жуда ҳам оғир келди. Руқия разияллоҳу анҳо вафот этганидан кейин инсонларнинг энг мукаррами бўлган зотга боғланган ришта узилганидан ғам ва қайғуда қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Нима бўлдики, мен сени қайғуда кўрарман?
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бирор кимсанинг бошига менинг бошимга тушган каби кулфат тушганмикин? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг менинг никоҳимда бўлган қизлари вафот этди. Энди мен суянчиғимдан ажрадим. Сиз билан ўртамиздаги қудачилик риштаси узилди, – жавоб берди Усмон разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўксик кўнглига далда бериб, Руқиянинг синглиси Умму Гулсумни никоҳлаб бердилар. Умми Гулсум вафот этгунча бирга яшадилар.
Усмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйлангаликлари учун “Зун нурайн” (“Икки нур соҳиби”) номини олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳеч бир кимсага икки қизини бермаганлар.

Мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!
Умму Зайд ўғли билан бирга зиёрат учун қавмига – Бани Муъинга бормоқчи бўлиб йўлга чиқди. Йўлда уларни Бани Қайл ибн Жисирдан икки отлиқ ғорат қилди. Унинг ўспирин ўғли Зайд уларнинг қўлига тушиб қолди. Уни Уккоз бозорида Ҳаким ибн Ҳизомга сотиб юборишда. Ҳаким эса уни тўрт юз дирҳамга аммаси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи завжалари Хадича бинту Хувайлидга (разияллоҳу анҳо) сотди.
Зайд ўн саккизга кирганда Хадича разияллоҳу анҳо уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга совға қилдилар.
Зайднинг отаси фарзанд доғида қаттиқ изтиробда қолди. Йўл юриб ким учраса ўғлини сўрар эди. Бани Кулабдан бир неча киши ҳаж қилгани Маккаг келишганида Зайдни кўриб таниб таниб қолишди. Бориб отасига ўғлининг хабарини беришди.
Ота Маккага келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни  сўради. Масжидда эканликларини хабарини эшитиб кириб келди ва сўз бошлади:
-   Эй Абдулмутталибнинг фарзанди! Эй қавмнинг саййидининг фарзанди! Сизлар Ҳарам аҳлисиз. Қулларни озод қилгувчисизлар. Асирларни боққувчисизлар. Сизнинг ҳузурингиздаги фарзандимизни сўраб келдик. Бизга илтифот ва яхшилик қилинг, фидясини адо қилайлик!
-   Ким ўзи у? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Зайд ибн Ҳориса, – жавоб берди.
-   Ундан бошқа эмасми? Чақиринг, ихтиёрига қўйинг. Агар сизларни ихтиёр қилса у фидясиз сизларники. Мени ихтиёр қилса, Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилганга фидя сўрагувчи эмасман – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Зайдни олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Мана буларни танийсанми?
-   Ҳа. Бу – отам. Буниси – амаким, жавоб берди Зайд (разияллоҳу анҳу).
-   Мени ўзинг яхши билган одамман. Сенга бўлган суҳбатимни кўргансан. Ё мени ихтиёр қил, ёки уларни?
-   Мен ҳаргиз Сиздан бошқани ихтиёр қилмагайман. Сиз менга ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз.
-   Эй шўринг қурғур Зайд! Ҳурлик қолиб, отанг, амакинг ва оиланг қолиб қулликни танлайсанми?! – танбеҳ беришди улар. Зайд жавоб берди:
-   Мен бу зотдан шундай нарсалар кўрдимки, энди мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Ҳижр(Каъбанинг шимолий-ғарбий томонидаги жой)га олиб чиқдилар ва эълон қилдилар:
-   Гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдур! У мендан мерос олади, мен ундан мерос олгувчиман.
Отаси бу сўздан рози бўлди ва уйига қайтди. 
Бу воқеа нубувватдан аввал эди. Пайғамбарлик келгач, Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّ
“Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғрироқдир”. (Аҳзоб. 5)
Бунга қадар уни Зайд ибн Муҳаммад дейишар эди, Илоҳий Фармондан сўнг Зайд ибн Ҳориса деб чақирадиган бўлишди.

ЭЙ ҲОРИСА, ЖАННАТ МУБОРАК!
Ҳориса мўминларнинг баркамол йигитларидан эди. Касал бўлб қолди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани бордилар.
-   Эй ҳориса, қандай тонг оттирдинг? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳақиқатан Аллоҳга имонли ҳолда тонг оттирдим, – жавоб берди у.
-   Ҳар бир сўзнинг ҳақиқати бўлур. Имонингнинг ҳақиқати нимадир?
-   Тунимни бедор қилдим. Кундузга ташна бўлдим. Дунё кўзимга арзимас кўринди. Мен учун унинг олтини ҳам, тоши ҳам баробар бўлди. Гўёки Сиротда тутқундек, жаннат аҳли билан неъматлар ародек, дўзах аҳли билан азобланаётгандек, Раббимнинг Аршиси билан рўпарада тургандекман, – деди Ҳорис.
-   Билибсан. Шундай бўл, эй Аллоҳ қалбини имон билан мунаввар қилган банда! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга дуо қилинг, менга Унинг йўлида шаҳид бўлишликни насиб этсин!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар, Ҳориса Бадр жангида шаҳид бўлди (разияллоҳу анҳу). Онаси келди.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Сиз Ҳорисанинг менинг қалбимдаги мақомини билурсиз. Агар у жаннатда бўлса, мен хурсандман! Ундоқ бўлмаса, дод солиб йиғлайман! – деди она.
-   Эй Ҳорисанинг онаси! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - Жаннат бир дона эмас. Яна жаннатлар бор. Шубҳасизки, Ҳориса энг аъло жаннат – Фирдавсдадур!
Она шод бўлиб ортига қайтдар экан йўл-йўлакай шундай дер эди:
-   Баракалла! Баракалла, эй Ҳорис! Жаннат муборак бўлсин!

БУ – РАСУЛУЛЛОҲНИНГ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ТЎШАКЛАРИ!
Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинага келди. Бу пайтда ҳали Исломга кирмаган эди. Қизи – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳонинг ҳужрасига кирди. Энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлган эди, Умму Ҳабиба тўшакни тортиб олди.
-   Эй қизалоғим, тушунмай қолдим. Тўшакни менга раво кўрмадингми ёки мени тўшакка раво кўрмадингми? – сўради Абу Суфён.
-   Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари. Сиз мушрик, нажас кишисиз. Шу тўшакка ўтиришингизни хоҳламадим,  – жавоб берди Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳо.
Биз бу муҳаббатга назар солсак, бу муҳаббат қалбларни маҳв этганини кўрамиз. Қалблар эса, ўз расулининг том маънодаги ҳақиқий инсонийлик сифатлари олдида, бор бисотини, ҳатто ўзини ҳам нисор қилган.

САВБОН РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУҲАББАТИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савбон исмли мавлолари бор эди. Унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари жудда ҳам юқори эди. Кўрмаса сабри тоқат қила олмасди.
Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уинг олдига келсалар ранглари ўзгарган, ўзи озиб кетган, юзларида қайғу аломатлари бор экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг боисини сўрадилар. Савбон айтди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менда ҳеч қандай оғриқ йўқ. Фақат Сизни бир оз фурсат кўрмаганимдан муштоқ бўлиб туриб, охиратни эсладим. Сиз жаннатнинг пайғамбарлар турадиган энг олий даражаларида бўлсангиз, мен Сизни кўра олмасам, тоқатим етмаслигини ўйлаб шундай қаттиқ қўрқиб кетдим.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً
“Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқлардур!” (Нисо. 69)

Сиз омон бўлсангиз мусибат писанд эмас!
Уҳуд жангида бир ансориянинг отаси, акаси ва эри шаҳид бўлдилар. Аёлга бу ҳақда хабар бердилар. Шунда ансория аёл сўради:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга не бўлди?
-   Алҳамдулиллоҳки, у зот омонликда, – дедилар.
-   Кўрсатинглар-чи, мен бир кўрай. – Аёлга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрсатдилар. Шунда аёл қалбининг тубидан ҳайқириб юборди: - Эй Аллоҳнинг расули! Сиз омон бўлсангиз, ҳар қандай мусибат ҳам менга писанд эмас!

САҲОБАЛАРНИНГ МУҲАББАТИ
Зайд ибн Дусаннани Макка аҳли Ҳарамдан чиқариб қатл қилмоқчи бўлишди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб ундан сўради:
-   Эй Зайд, Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, ҳозир сенинг ўрнингга Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) калласини олишимизни ва сен ўз аҳлингга қайтиб кетишингни хоҳлармидинг?
Зайд жавоб берди:
-   Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон тикон озор берадиган жойда бўлса ҳам мен уйимда ўз аҳлим билан ўтиришни хоҳламас эдим!
Абу Суфён айтди: “Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат қўйганичалик бирон кимсанинг муҳаббатини кўрмадим”.

ЭРТАГА ҲАБИБИМГА ЕТИШАМАН!
Билол разияллоҳу анҳу вафот этишга яқин бўлиб қолди. Унинг аҳли айтар эди: “О, қандай мусибат!”
Ўзи эса: “Оҳ, қандай роҳат! Эртага ҳабибим Муҳаббат саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг суҳбатларига етишаман!” дер эди.
Ўлим аччиғи ҳаловатга айланган эди. Бу бир имон ҳаловати эдики, бу ҳақда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган эдилар:
“Кимда уч нарса бўлса имоннинг ҳаловатини топур:
-   Аллоҳ ва Унинг расули унинг учун бошқа ҳаммасидан маҳбуб бўлмоғи;
-   бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрмоғи;
-   куфрга қайтмоқликни гўёки ўтга тушишни ёқтирмагани каби ёқтирмаслиги”.

МУҲАББАТ УЧУН ЯРАЛГАН ҚАЛБЛАР
   Ривоят қилишларича Жаъфар ибн Муҳаммад разияллоҳу анҳу жуда ҳам қувноқ ва ҳазилкаш инсон эди. Бироқ унинг олдида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилиниб қолса, ранглари сарғайиб, тили тутилиб қолар ва кўз ёшлари тугаб қолгунча йиғлар эди.
   Бу – унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатининг юқорилигидан, у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни қалбларнинг қуввати, руҳиятнинг озуқаси, кўзларнинг қувончи, балки бутун ҳаётнинг ўзи деб ҳисоблаганлигидан эди.
   Кимки ушбу улуғ бахтдан мосуво эрса, у ўликлар қаторидадур. Бу муҳаббат чароғон нур эрур, ким уни йўқотса зулумат қаърида қолгай. Бу муҳаббат шифо эрур, ким уни бой берса унинг қалби дардларга мубтало бўлгай.
   Бу ҳолдан ажабланмаса ҳам бўлади, зеро бу гўзал қалблар муҳаббатга лойиқ бўлган зотнинг муҳаббати учунгина яралган бўлса.
   
АЛЛОҲ ВА УНИНГ РАСУЛИГА ФИДОЙИЛИК
    Улуғ саҳобийлардан Мусъаб ибн Умайр диндош биродарларининг ёнига чиқди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида ҳалқа бўлиб ўтирган эдилар. Уни кўришибоқ бошларини эгиб, кўзларини ерга қадаб олишди. Кўзларидан ёшлари оқиб тушди. Эски ямоқ кийим кийим олган, ва ҳолонки илгари фақат янги ва оҳорсиз кийимлар кияр эди.
   У илоҳалардан юз ўгириб, Исломни қабул қилган, онаси диндан қайт деб ҳарчанд мажбурласа ҳам кўнмаган. Охири диндан умидини узган она уни барча ноз-неъматлару, таъминотлардан маҳрум қилиб қўйган эди.
   Шу онда Мусъабга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак нигоҳлари тушди. Табассум қилиб илтифот айладилар:
-   Мен бу Мусъабни кўраётирман. Ҳолбуки, Маккада ота-онасининг қошида бундан-да неъматланганроқ йигит бўлмаган эди. Сўнг Аллоҳга ва Унинг расулига бўлган муҳаббати учун уларнинг ҳаммасини тарк этди.

Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, эй Зайд!
   Бани Мусталиқ ғазотида Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими билан Хазражнинг ҳалифи (иттифоқдоши) сув устида жанжаллашиб қолишди. Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими Хазражнинг ҳалифини урган эди ундан қон оқди. Ҳалиф қичқира бошлади:
-   Ҳой ансорийлар жамоаси!
Ходим ҳам қичқирди:
-   Эй муҳожирлар жамоаси!
Ҳар икки тарафдан одамлар тўплана бошлади. Ҳатто қуролларини чиқаришгача боришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва уларга қарата:
-   Бу қандай жоҳилият даъвоси?! Қўйинглар, ўша бадбўй даъвони! – дедилар.
Ҳазраж қавмининг вакиллари орасида турган, мунофиқларнинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ғазаби келди.
-   Агар Мадинага қайтсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур! – деди, ўзини азиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни хор деган маънода.
Уларнинг орасида Зайд ибн Арқам исмли йигит бор эди. Унинг гапини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди.
-   Эй йигит, эҳтимол сен унга ғазаб қилаётгандурсан, ёки янглиш эшитгандурсан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳга қасамки, мен ундан ўша сўзни эшитдим! – деди Зайд.
У айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг сўзимга ишонмаганларидан қаттиқ ташвишда қолдим. Амаким: “Сени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғончи қилишини хоҳлаган экансан-да!?” деди.
“Мен ростдан ҳам эшитганман. Агар бу сўзни отамдан эшитганимда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган бўлур эдим. Энди мен Аллоҳ таоло расулига сўзларимни тасдиқлагувчи оят туширса деб умид қиламан” дедим.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларимдан чалғитиш учун одамларни етаклаб жўнаб кетдилар. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан “Мунофиқун” сураси нозил бўлди”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Арқамнинг қулоғидан ушлаб туриб:
-   Эй йийит! Қулоғинг тўғри тушунган экан. Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, мунофиқларни рад этди, – дедилар.

СУҲАЙБ ФОЙДА КЎРДИ!
Суҳайб Румий ҳижрат қилишни ирода қилди. Бундан хабардор бўлган Қурайш мушриклари унга айтишди:
-   Келганингда бечораҳол қашшоқ эдинг. Бу ерга келиб бойиб кетдинг. Шунчалик даражага етиб қолдинг. Энди мол-мулкларингни олиб чиқиб кетмоқчимисан? Аллоҳга қасамки, бунақаси кетмайди!
-   Хўп. Агар молу мулкимни сизларга ташлаб кетсам, мени холи қўясизларми? – сўради Суҳайб.
-   Ҳа, – дейишди.
-   Молимни сизларга бердим! – деди у ва мол мулкини тоашириб ҳижрат қилиб чиқиб кетди. Бу хабар Сарвари коинотга етиб келганда жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам илтифот айладилар:
-   Суҳайб фойда кўрибди! Суҳайб фойда кўрибди!

Киши яхши кўргани биландур!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар “Эй Аллоҳ! Менга Ўзингнинг муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўйганларнинг муҳаббатини, мени Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиганларнинг муҳаббатини ризқ айла! Муҳаббатингни мен учун муздек сувдан ҳам кўра маҳбуброқ айла!” дер эдилар.



Бир аъробий савол берди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачондур?
-   Сен унга нима тайёрлаб қўйгансан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳга қасамки, мен унга намоз ҳам, рўза ҳам, бошқа каттароқ амал ҳам тайёрлаганим йўқ. Аммо мен Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўраман! – жавоб берди аъробий.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум айладилар ва:
-   Киши яхши кўргани биландур! – дедилар.

НИКОҲДАН ЖАННАТГА
Саъд Сулаймий Исломга кирган ва мусулмончиликни чиройли қилган ҳабаш қул эди. У масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирди. Одамлар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида жамланиб ўтириб, сўзларини эшитар, дин ва дунё ишларидан саволлар беришар эди.
Саъд ҳам ўрнидан туриб савол берди:
-   Менинг ҳабашлигим ва хунуклигим жаннатга киришига монеълик қиладими?
-   Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Раббингга тақво қилар экансан, Унинг расулига келган нарсаларга имон келтирар экансан ундоқ бўлмагай! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бердим! Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлишликка гуволик бердим. Менга яна нима бўлади, Эй Аллоҳнинг расули?
-   Қавмга нима бўлса сенга ҳам ўша. Қавмнинг зиммасида нима бўлса сенинг зиммангда ҳам ўша. Сен уларнинг биродарисан.
-   Сизнинг ҳузурингизда турганларга ҳам, ҳузурингизда бўлмаганларга ҳам, омматан, совчи бўлиб бордим. Бироқ менинг қора танлигим ва кўринишим хунуклиги учун мени қайтаришди. Ҳолбуки, мен ҳам Бани Салим наслиданман.
-   Амр ибн Ваҳбга бор. Эшигини тақиллат. Салом бер. Кириб унга: “Набийюллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларингиздан бирини мега унаштирди” деб айт – дедилар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган томонга йўл олди. Эшини қоқди. Уларга салом бериб:
-   Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуридан вакилман. У зот қизларингидан бирини менга унаштирганларини айтдилар, – деди.
Амр уни қўполлик билан қайтириб юборди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб борди.
Амрнинг қизи парданинг ортидан суҳбатни эшитиб турган эди. Чодрасидан чиқиб Саъдни чақирди:
-   Эй Аллоҳнинг бандаси, қайт! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени сенга унаштирган бўлсалар, Аллоҳ ва Унинг расули рози бўлган ишга мен ҳам розиман!
Саъд бир лаҳза тўхтади. Бироқ бу қиз токи отаси бор экан, ўзига ўзи эгалик қила олмаслигини фаҳлаб, ортига қайтмасдан йўлида давом этиб кетаверди. Қиз отасига айтди:
-   Эй отажон! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига шошилинг! Аллоҳ таоло марҳамат қилган:
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ
   “Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқлик йўқдур”. (Аҳзоб. 36) Сизни араблар орасида шармисор қилгувчи бирир ваҳий келиб қолмасдан бурун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига ижобат қилиб қолинг.
   Амр кўрдики, бу масалада қизи ундан кўра тўғрироқ фикр юритяпти. Шу заҳотиёқ бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узр сўраб амрини бажо қилмоқ учун йўлга тушди. Аммо Саъд ундан аввалроқ етиб келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бор гапни айтиб бўлган эди.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амрдан нима учун қизини беришга рози бўлмаганлигини сўрадилар.
-   Мен уни қайтармадим. Лекин у ёлғон сўзлаяптимикин деб ўйладим. Шунинг учун унинг сўзи тўғрилигига ишонч ҳосил қилгани ҳузурингизга келдим. Яна шуни эълон қилмоқчиманки, биз қизимизни унга бердик! – деди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ёшга барака тиладилар ва Саъдга:
-   Бор, кириб у билан қўшил, – дедилар.
Бундан у бениҳоят хурсанд бўлиб кетди. Шодонлик ила ўзига ва келинчакка сарпо сотиб олиш учун бозорга кирди. Шу пайтда бозордан бир жарчининг нидоси эшитилиб қолди:
-   Ҳой отлиқлар! Отланинглар! Жаннатнинг башорат берилади!
Бу Исломни мудофаъақилиш ва Аллоҳ йўлида жаҳд қилиш учун жангга чақириқ эди. Саъд ҳеч иккиланиб ўтирмай сарпо олишга тўплаган пулини олиб, от бозорига кирди. Пулига от, қилич ва найза сотиб олди. Сўнг аскарларга қўшилиб мушрикларга қарши жангга кириб кетди. Жанг майдонида токи шаҳид бўлгунга қадар бир қанча отлиқ ва пиёда аскарларни қатл қилди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар. Қурол ва отини келинчакка юборди. Кейин тайинладилар:
-   Бориб уларга Аллоҳ таоло уни қизларингизнинг энг яхшисига уйлантирди деб айтинг. Мана бу унинг мероси.
Кейин тиловат қилдилар:
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي مَقَامٍ أَمِينٍ *  فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ *  يَلْبَسُونَ مِن سُندُسٍ وَإِسْتَبْرَقٍ مُّتَقَابِلِينَ * كَذَلِكَ وَزَوَّجْنَاهُم بِحُورٍ عِينٍ
“Албатта, тақводорлар омонлик жойида. Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик”. (Духон. 51 – 54)



САВОДНИНГ “ҚАСОСИ”
Бадр ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобининг сафларини назорат қилиб, қўлларида камон ўқи билан сафни тўғрилаётган эдилар. Бану Адий ибн Нажжорнинг вакили Савод ибн Ғузайя олдинроққа ўтиб кетган экан, қорнига камон ўқи билан туртиб:
-   Текис тур, эй Савод! – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг жонимни оғритдингиз! Ҳолбуки Аллоҳ таоло Сизни ҳақлик ва адолат ила юборган бўлса. Мен энди Сиздан қасос олишим керак, – деди Савод.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг камоли меҳрибонлиги ва улкан хулқ соҳибилигидан дарҳол қоринларини очиб бердилар-да:
-   Мана, уриб ол – дедилар.
Шундан Савод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қоринларини қучиб, ўпиб олди.
-   Сени бунга нима мажбур қилди, эй Савод? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг энг олий аҳдим Сизнинг танангизга танамни текизиш бўлишини хоҳлаган эдим, – жавоб берди у.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуойи хайр қилдилар.
   

АБУ БАКРНИНГ САДОҚАТИГА ЯРАША МАРТАБАСИ
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишни ирода қилганларида дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳам бирга Савр ғори томон азм қилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўртиб чиқиб турган қоятошларга чиқишга ва яланг оёқ юришга одатланмаган эдилар. Муборак оёқларига тошлар ботди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Абу Бакр ғорнинг оғзига етгунга қадар елкасига кўтариб олди.
   Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорга кирмоқчи бўлганларида шошилиб:
-   Кирмай туринг! Аввал мен бир кириб кўрай! – деди.
Кириб ғорни айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб текшириб кўрди. Бир тешик топиб, у жойга изорини қирқиб беркитди. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиб озор бермасин дея, у иккала тешикка икки оёқларини қадади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тизларига бошини қўйиб ётиб уйқуга кетиб қолдилар.
Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган экан. Ҳақиқатан ҳам оёғи билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб оёғини чақа бошлади. Илон тешикдан чиқиб кетмаслиги учун ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам безовта бўлмасин деб оёғини қимирлатмай тураверди.
Бироқ чидаб бўлмас оғриқдан кўзларига ёш оқиб келди. Сўнг кўзидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзларига оқиб тушиб, уйғониб кетдилар.
-   Эй Абу Бакр, сенга нима бўлди? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин, бир нарса чақиб олди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам илон чаққан жойни оғриқ тамом бўлгунча муолажа қилдилар.
Тонг отиб кун ёришганда ғордан чиқиб йўлга тушдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга эътибор бериб қарасалар, йўлга чиқишда кийган изори йўқ. Сўраган эдилар, йиртиб ғордаги тешикларга тиққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юқори кўтариб дуо қилдилар:
-   Эй Аллоҳ! Қиёмат кунида Абу Бакрни менинг мартабамда қилгин!

Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқсалар Фотимаи Заҳро разияллоҳу анҳо хайрлашгувчиларнинг охиргиси, қайтганларида эса истиқболларига чиққувчиларнинг энг биринчи бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима разияллоҳу анҳонинг заифлиги ва маҳзунлиги учун қалби ачишар ва фироғига тоқат қила олмас эдилар.
Турмушга чиқарганларидан сўнг бир қанча кун ўтгач, олдиларига бориб айтдилар:
-   Мен сени ўзимга яқинроққа кўчириб ўтмоқчиман.
-   Ҳориса ибн Нўъмонни гаплашиб кўрингчи, уйини алмаштирармикин? – деди разияллоҳу анҳо.
-   Ҳориса ибн Нўъмон бизга жойини бўшатиб берган. Шунинг учун ундан сўрагани ҳаё қиламан, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Бу сўз Ҳорисага етиб борди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Эшитишимча Фотимани ўзингизга яқинроқ жойга кўчирмоқчи экансиз. Мана менинг уйим – у Бани Нажжор уйларининг ичида Сизга энг яқинроғи. Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун! Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга қасамки, Мендан Сиз олган молим Сиз қолдирган молимдан кўра мен учун маҳбуброқдур! – деди.
-   Сен тўғри сўзладинг, Аллоҳ сенинг молингга барака берсин! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Фотиманинг уйини Ҳорисанинг уйига кўчириб келдилар.

САЪДНИНГ ОНАСИ

Уҳуд жангидан сўнг Саъд ибн Муъознинг онаси шошилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минган отнинг тизгини тутиб турган эди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бу – менинг онам! – деди.
-   Марҳабо, хуш келибди! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
   Саъднинг онаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин келиб, тикилиб қаради ва:
-   Сизни соғ-омон кўрганимдан барча мусибатларим ёзилиб кетди! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онахонга Саъднинг ўғли Амр учун таъзия билдирдилар ва:
-   Эй Саъднинг онаси! Сенга хушхабар бўлсин ва уларнинг аҳлига ҳам хушхабар бўлсин! У қатл бўлганлар жаннатда ҳамроҳ бўлдилар улар ўн икки нафар эди, ўз аҳлларини шафоъат қилдилар – дедилар.
-   Бизлар Аллоҳнинг расулидан рози бўлдик! Шу сўзлардан сўнг уларга ким ҳам йиғласин?! – деди Умму Саъд разияллоҳу анҳо.

ЙИҒЛАМА, АБУ БАКР!

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотига сабаб бўлган хасталикларида мажолсиз ҳолда чиқдилар ва минбарга кўтарилиб шундай дедилар:
-   Бандага дунё ва унинг зийнати таклиф қилинган эди, у охиратни ихтиёр қилди.
Бу сўзларнинг моҳиятини ҳазрат Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким фаҳламади.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Нафақат ота-онамиз, балки, ота-боболаримиз, фарзандларимиз, ўзларимиз ва молларимизни Сизга фидо қилайлик! – деб йиғлаб юборди у.
-   Йиғлама, эй Абу Бакр! Шубҳасизки, мен учун инсонларнинг энг садоқатлиси – Абу Бакр. Агар инсонлардан халил – дўст тутсам Абу Бакрни тутган бўлур эдим. Лекин у менинг исломий биродарим. Масжид эшикларидан бирортаси ҳам қолмай беркитиб ташлансин, фақат Абу Бакрнинг эшигидан ташқари, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу яна йиғлади ва:
-   Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Сизники эй Аллоҳнинг расули!
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: Orifjon Hanafiy 01 Iyul 2015, 15:08:11
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ЖЎМАРДЛИК
وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ {الحشر/9}
“Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир”.
Жўмардлик – фазилатли амалларнинг энг гзалларидан бири. Муқаддас динимиз таълимотларида инсоннинг жўмардлик фазилати ила зийнатланиши тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло Каломи қадимда васф қилганидек:
“...ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар”
Аслида саҳоват ҳам эксак фазилат бўлса-да, жўмардлик ундан-да афзалроқдур. Чунки жўмардлик олийжанобликка, юксак маънавий покликка ва комил инсон бўлишликка етаклайди.
Инсонийлик маънолари қачон зоҳир бўлади?
У аввало кишида пинҳон ҳисобида бўлади. Қачонки борлиқ ҳақиқатларини англаб етиш учун нафси жиловланиб, руҳияти жилолаганда, ҳиссиётлари ўткирлашиб, виждони покланганда, фикри ойдинлашиб фаҳми тиниқлашганда унинг қалби бутун инсониятни сиғдира оладиган даражада кенгайганда, ҳа, ўшандагина кишида ҳақиқий инсонийлик маънавияти ҳаракатга келади ва зоҳир бўла бошлайди ва аста секин мукаммал инсонийлик даражасига етади.
Натжада унинг инсонийлик руҳияти ҳайвоний нафсонияти устидан ғалаба қилади. Негаки, мўмин банда жисми ва ҳиссиёти билангина эмас, балки руҳияти билан инсонлар қаторида бўлишига ишонади.
Ана ўшандагина руҳиятининг истаклари рўёбга чиқади ва инсон маънавият йўлида фидойилик қилади.
Жисмнинг истаклари эса ҳаётини сақлаб қолишга кифоя қилгулик ҳаракат билан ҳосил бўлади. Бинобарин, комил инсон емоқ учун яшамас, балки, яшамоқ учун ейди.
Киши нафсида ҳар қачон инсонийлик маънолари хиралашиб қолса, унинг ҳиссиётлари инсонларнинг ҳожатларини енгиллатишга жонбозлик қилади. Шуъури эса, яхшилик йўлида инсонларга келадиган ҳар қандай изтироб ва аламларни дафъ қилишда бор имконияти билан ҳааракатда бўлур. Натижада муҳтожларнинг ҳожатларини равон қилур, мусибатларини енгиллатур, ошуфта қалбларга тасалли бергай, озурда қалбларга малҳам бўлгай. Бундай олийжанобликлар эвазига нафсининг тубидан гўзал нафсоний лаззатлар топа олади, жўмардлик фазилатлари оқиб чиқади. Сўнг секин аста униб ўсиб юксак инсоний сифатлар ҳосил бўлади.



Абу Убайда ибн Жарроҳнинг жўмардлиги
Шомдаги мусулмонлар орасида вабо касали тарқаб қолди. Мўминларнинг амири Умар разияллоҳу анҳу лашкарбоши Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат юборди: “Сен бўлмасанг ҳал бўлмайдиган ҳожатимиз чиқиб қолди. Агар хатим сенга кечаси етиб борса, эрталаб йўлга туш. Агар кундузи етиб борса, кечаси йўлга туиб тезда етиб кел!”
Хат етиб келгач Абу Убайда ўқиб кўриб халифа ўзининг ҳузурига сақиртиргаининг сабабини англаб жилмайди ва асҳобларига айтди:
-   Аллоҳ Умарга раҳм қилсин, унинг ҳожатини тушундим. У боқий қолмайдиганни боқий қолдиришни хоҳлабди.
Сўнг жавоб хати ёзди: “Эй мўминларнинг амири! Менга бўлган ҳожатингни тушундим. Мени ўз талабингдан холи қил. Мен лашкар орасидаман. Ўз нафсимга рағбат қила олмагайман!”
Абу Убайда разияллоҳу анҳу лашкарни ташлаб, ўз жонини қутқаришни рад қилди ва ўша вабо касалидан вафот этди.


Улар ўзаро биродардурлар
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халтачага тўрт юз динор солиб хизматчисига айтди:
-   Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бор. Сўнг ўша жойда бир оз кутиб турчи, у буни нима қилар экан.
Хизматчи Абу Убайдага олиб бориб берди ва:
-   Мўминларнинг амири айтди, буни ўз ҳожатларингизга ишлатар экансиз, – деди.
-   Аллоҳ унга марҳамат қилсин! – деди Абу Убайда. Сўнг жориясини чақириб, – Бу ёққа кел! Фалончига манави етти динорни олиб бориб бер. Манави беш динорни эса, фалончига олиб бор! – деб шу зайлда барча пулларни тарқатиб юборди.
Хизматчи Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига қайтиб бориб кўрганларини айтди. Умар разияллоҳу анҳу яна шунча пул бериб Муъоз ибн Жабалга жўнатди. Бу сақар ҳам ўша гапни тайинлади. Муъоз разияллоҳу анҳу ҳам бор пулни тарқатиб юбораётган эди, хотини чиқиб:
-   Аллоҳга қасамки, бизлар ҳам мискинлармиз. Бизга ҳам беринг, – деб қолди. Қараса халтачада икки динор қолган экан, хотинига берди.
Умар разияллоҳу анҳу бу ишлардан қаттиқ севиниб кетди ва:
-   Улар ўзаро биродардурлар! – деди.


Оиша онамизнинг саҳовати
Оиша онамиз разияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир мискин тиланчилик қилиб келди. Онамиз рўзадор эдилар. Уйида бир дона нондан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Жориясига:
-   Унга ўшани бериб юбор! – деди.
-   Сизга ифторликка ундан бошқа нарса йўқ-ку? – эътироз билдирди жория.
-   Унга ўшани бериб юборавер! – деди. Жория бериб юборди. Кечки пайт қўй гўшти билан буғдой уни аралашган гўштли нонга ўхшаш арабларнинг “кафануш-шоти” егулигини ҳадя қилишди. Оиша онамиз жориясига айтдилар:
-   Мана бундан егин! Бу сенга обинонингдан кўра яхшироқ-ку!


Уни ўзимдан афзалроқ кўрдим
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳуга ҳанжар урилганидан кейин ўғли Абдуллоҳга:
-   Эй Умарнинг ўғли Абдуллоҳ! Мўминларнинг онаси Оишага бориб Умар Сизга салом айтди, дегин. Сўнг икки соҳибимнинг ёнларига дафн қилинишимга изн сўра! (Яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ёнларига) – деди.
Оиша разияллоҳу анҳо:
-   Мен ўзим учун хоҳлаган эдим, бироқ уни ўзимдан афзалроқ кўрдим, – деди.
Абдуллоҳ қайтиб келган эди Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Нима хабар билан келдинг?
-   Эй мўминларнинг амири! Сизга изн берди, – жавоб берди Абдуллоҳ.


Ўлим пайтидаги жўмардлик
Ярмук ғазотида Ҳузайфа Адавий сув кўтариб олиб амакисининг ўғлини қатл қилинганлар орасидан қидира бошлади. У:
-   Бир қултум сув ичсам эди, – деяётган эди.
Қараса, жароҳатланиб, ўлим тўшагида ётган экан.
-   Сув ичириб қўяйми? – сўради Ҳузайфа.
Боши билан “ҳа” ишорасини қилди. Шу маҳал бошқа бир одамнинг “Оҳ!” деб инграгани эшитилиб қолди. Ҳузайфага “Ўшанга олиб бор” деб ишора қилди. Ҳузайфа қараса Ҳишом ибн Ос экан. Ҳишом энди сув ичмоқчи бўлган эди учинчи одамнинг инграганини эшитиб қолди.
У ҳам сувни ўша ҳамроҳига илинди. Ҳузайфа бориб қараса, учинчи кимса жони узилибди.
Қайтиб Ҳишомга келди. У ҳам жон топширган. Амакисининг олдига келсиб қараса, у ҳам омонатни Ҳаққа топшириб бўлган эди.
   Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин.


У мендан кўра саҳийроқ
   Абдуллоҳ ибн Жаъфар чорбоғига кетаётиб, бир хурмо дарахтининг ёнида тўхтади. Ҳабаш қул бола дарах чиқиб меваларини тераётган эди. У хизмати эвазига уч дона нон олди. Шу пайт бир ит келиб қолди. Бола қўлидаги ноннинг биттасини итга берди. Ит уни еди. Сўнг иккинчисини берди. Ит уни ҳам еди. Учинчисини ҳам бериб юборди.
   Абдуллоҳ қараб туриб савол берди:
-   Ҳой болакай! Кунига қанча иш ҳақи оласан?
-   Нега сўраяпсиз? – деди болакай.
-   Нега итни ўзингдан афзал кўрдинг?
-   Бизнинг маҳалламизда ит йўқ эди. Ўйлашимча бу ит узоқ масофадан оч-наҳор келганга ўхшаяпти. Шунинг учун қуруқ қайтаргим келмади.
-   Бугун нима қиласан, энди?
-   Бугунча овқат емай қўяқоламан.
-   Аллоҳга қасамки, у мендан кўра сахийроқ экан! – деди Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва ўша хурмо билан болани сотиб олди. Сўнг Аллоҳ йўлида озод қилиб борди. Хурмони болага эҳсон қилди.



Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: Orifjon Hanafiy 15 Iyul 2015, 13:56:09
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
* وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى  *
“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”. (Назиъат. 40-41)

АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
   Қўрқишлик парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга хатолардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлишлик чораларини ўргатади.
   Қўрқишликнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишлик. Аллоҳдан қўрқишлик туфайли инсон Аллоҳ учун, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.
   Аллоҳдан қўрқишлик инсонни гуноҳкорлик ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳдан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги  Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб уни сидқидилдан бажаради. Муқаддас Ислом дини олдидаги вазифаларни бажаради. Натижада у валийлар – Аллоҳнинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради ва Аллоҳнинг буюк неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар қалбларида уларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди.
   Аллоҳдан қўрқишнинг энг асосий маҳсули – ҳар бир амални нуқсонсиз тўла бажаришга олиб келгувчи парҳезкорликдур.
   Аллоҳдан қўрқиш бозорда сотилгувчи матох эмаски, хоҳлаган одам сртиб олса. Балки Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган ушбу Ислом умматига насиб этган улуғ неъматки, Ўзи хоҳлаган бандасига хоҳлаган миқдорда ато этгай.
   Аммо Тангрининг буйруқ ва Унинг кўрсатмаларига хилоф равишда нафсининг хоҳишлари кесилиб қолишидан қўрққан кимсалар эса Аллоҳга Унинг Расулига осий бўлгайлар.
   
   
Шаъбон кечаси
   Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
   “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар. Устки кийимларини ечдилар. Кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай дарҳол қайта кийдилар-да, шошилиб чиқиб кетдилар. Мен кундошларимдан бириникига кирармикин деб гумонсираб рашким келди ва орқаларидан чиқсам, Бақеъ қабристонида эканлар. Мўмин ва мўминларга, шаҳидларга истиғфор айтаётган эканлар.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен дунё ҳожати бўлсам, Сиз Раббингиз ҳожатида экансиз, – деб қайтиб бориб ҳужрамга кириб кетдим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортимдан етиб келдилар ва сўрадилар:
-   Бу қандай нафс, эй Оиша?
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Кийимларингизни ечиб қўйганимдан сўнг ҳеч қанча фурсат ўтмасдан, яна кийиб чиқиб кетдингиз. Мен кундошларимдан бириникига кирармикинсиз деб гумонсираб, қаттиқ рашким келди ва ортингиздан чиқсам, Бақеъ қабристонида экансиз, – жавоб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
-   Эй Оиша! Сен ҳали Аллоҳ ва унинг Расули адолатсизлик қилади деб қўрқдингми? Жаброил алайҳис салом келиб: “Ушбу кеча Шаъбон ойининг ўртасидур. Бу кечада Аллоҳ таоло дўзахдан Бану Калб қўйининг туклари миқдорида озод қилур. Лекин бу кечада мушрик, урушиб қолганлар, қариндошлик алоқаларини узганлар, бадхулқлар, ота-онасига оқ бўлганлар ва доимий хамр ичгувчиларга қаралмайди” деди.
Сўнг уст-бошларини ечиб:
-   Эй Оиша, ушбу кечада қиём туришимга изн берасанми?
-   Ҳа, ота-онам Сизга фидо бўлсин, – дедим.
Турдилар. Намоз ўқиб саждага бош қўйган ҳода шунчалар узоқ туриб қолдиларки, мен омонатни топшириб қўйдими, деб қўрқиб кетдим. Ўрнимдан туриб оёғинининг тагини ушлаган эдим, ҳаракатга келдилар. Севиниб кетдим. Саждада турган ҳолларида: “Эй Аллоҳ! Азобингдан паноҳ сўраб афвинг сари сиғинаман. Ғазабингдан паноҳ сўраб, розилигинг сари сиғинаман. Сенинг улуғлигинг сари сиғинаман. Мен Сенинг зотингга лойиқ сано айта олмайман”.
Тонг отгач, бўлган гапни айтиб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Оиша! У нарсаларни билиб ол! – дедилар.
-   Хўп, – дедим.
-   У нарсаларни билиб ол ва ўргат! Чунки Жаброил алайҳис салом бу нарсаларни менга ўргатди ва саждада қайтаришимни буюрди – дедилар”.


АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
Саълаба ибн Абдураҳмон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқчиси ва ходими эди. Бир кун у ансорлардан бирининг уйидан ўтаётиб ногаҳон ансория аёлнинг ғусл қилаётганига кўзи тушиб қолди. У яна қайта назар солди. Сўнг бирдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу гуноҳим ҳақида ваҳий келиб қолса-я, деган қўрқувда Мадинадан чиқиб, Макка ва Мадина орасидаги тоққа қочиб борди.
Қирқ кунгача унинг дараги бўлмади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирар эди. Ниҳоят Жаброил алайҳис салом келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди:
-   Раббингиз Сизга салом йўллади ва хабар бердики, қочиб кетган умматингиз фалон тоғда дўзахдан паноҳ сўраб, Аллоҳга сиғинмоқда.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб ва Салмон Форсийларни юбориб уларга тайинладилар:
-   Бориб Саълаба ибн Абдураҳмонни олиб келинглар.
Улар йўлда борар экан, Зуфофа исмли чўпонга рўпара келишди. Умар разияллоҳу анҳу ундан тоққа чиқиб кетан йигит ҳақида сўради. Чўпон:
-   Жаҳаннамдан қочган йигитни сўраётган бўлсанг кераг-а? – деди.
-   У жаҳаннамдан қочганини қаёқдан биласан?
-   У ярим кечада манави қояларнинг орасидан чиқиб келади. Қўлларини бошига қўйиб йиғлайди ва: “Эй кошки, жонимни олсанг эди! Менга Ўз марҳаматингни дариғ тутмагин!” деб нола қилади.
-   Ҳа, ўшани излаяпмиз, – деди Умар разияллоҳу анҳу.
Зуфофа уларни етаклаб кетди. Тун ярим бўлганда Саълаба чиқиб одатича нола қила бошлади. Умар разияллоҳу анҳу югуриб бориб уни тутди. Зуфофа яна нола қилди:
-   Ал-омон! Ал-омон! Қачон дўзахдан омонлик бўлур?!
-   Мен Умарман!
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳимдан хабардор бўлдими? – сўради у.
-   Мен у нарсадан бехабарман. Менинг билганим шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кеча мулойимлик билан сени сўради, – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Мени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган пайтда ёки Билол қомат айтаётган пайтда олиб кирмайсан.
-   Хўп, шундай қиламан.
Улар Мадинага бориб, масжидга кирганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эдилар. У зотнинг қироатларини эшитиб Саълаба ҳушидан кетиб йиқилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан фориғ бўлгач, Умар ва Салмон разияллоҳу анҳумодан Саълабани сўрадилар.
-   Ана у, эй Аллоҳнинг расули! – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб уни ўзига келтирдилар ва сўрадилар:
-   Нима нарса сени мендан узоқ қилди?
-   Гуноҳим! – деди у.
-   Сенга гуноҳ ва хатоларни ўчиргувчи оятни ўргатайми?
-   Ҳа, эй Аллоҳнинг расули!
-   “رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ  “ (Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин) деб айт, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менинг гуноҳим ундан катта, – деди Саълаба. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Йўқ! Аллоҳнинг Каломи буюкроқдур! – деб уни уйга қайтишга буюрдилар. У уйига бориб уч кун касал бўлиб ётиб қолди. Салмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб унинг бемор бўлиб қолганини айтди. Жанобимиз:
-   Юринглар! – деб унинг уйига бордилар. Кириб муборак тиззаларига унинг бошини қўйган эди, бошини тортиб олди.
-   Нега бошингни тиззамдан тортиб олдинг? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Чунки менинг бу бошим гуноҳларга тўла.
-   Нимани сезяпсан?
-   Этим билан суякларим орасида чумоли ўрмалагандек бўляпти.
-   Нимани хоҳлаяпсан?
-   Раббимнинг мағфиратини.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ уни мағфират қилганининг хабарини етказган эдилар, бир ҳайқирди-ю, жон таслим қилди...
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўзи ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқидилар ва қабристонга олиб бордилар. У жойда эҳтиёткорлик билан оёқларнинг учларида юрган эдилар асҳоблари бунинг сабабини сўрадилар.
-   Уни зиёрат қилгани келган фаришталарнинг кўплигидан оёғимни қўйгани жой топа олмаяпман, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Ҳазрат умарнинг аҳдномаси
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Шомдан Мадинага қайтар экан, одамларнинг аҳволларини билиш учун ўзи ёлғиз айланиб юрар экан чодрадаги бир кампирга йўлиқди. Кампир сўради:
-   Ҳой йўловчи! Умар нималар қиляпти?
-   Шомдан Мадинага қайтди, – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Аллоҳ унга яхшилик кўрсатмасин!
-   Нега?
-   Аллоҳга қасамки, у мўминларга раҳбар бўлганидан бери менга ундан бирор тухфа етиб келмади.
-   Сен ундан олисда бўлсанг, у сенинг ҳолингни қаёқдан билсин?
-   Субҳоналлоҳ! Аллоҳга қасамки, мўминларга раҳбар бўлган инсон уларнинг машриқидан мағрибигача билмайди деб ўйламайман!
Умар разияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва ўзига айтди: “Шўринг қурғур Умар! Ҳар бир инсон, ҳатто мана шу кампиргача, сендан кўра фаҳмлироқ экан-а!” Сўнг кампирга айтди:
-   Эй Аллоҳнинг канизаги! Умардан қилган шикоятингни қанчага сотасан, шоядки мен уни дўзахдан сақлаб қолсам?
-   Мен масхара қилма! – деди кампир.
-   Мен сени масхара қилмаяпман!
Шундай деб Умар разияллоҳу анҳу охири ундан шикоятини йигирма беш дирҳамга сотиб олди. Шу маҳал Али ибн Абу Толиб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо келиб қолишди ва салом беришди:
-   Ассалому алайкум, мўминларнинг амири!
Кампир бошини чангаллаб қолди:
-   Вой шўрим қурсин! Мўминларнинг амрини ўзининг олдида сўкиб юборибман-ку!
-   Аллоҳ сенга раҳм қилсин, ҳеч қиси йўқ, – деди ҳазрат Умар ва хат ёзиб бергани варақ сўради. Топилмаган эди кийимининг ямоғидан қирқиб олиб ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу хат Умар раҳбарлик қилганидан бери шу кунгача фалон кампирнинг шикоятларини йигирма беш дирҳамга сотиб олиш шартномасидир. Шу миқдор эвазига фалон аёл Маҳшар кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Умарга даъво қилмайди. Гувоҳлар - Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд”
Умар разияллоҳу анҳу ўша хатни ўғлига топшириб тайинлади: “Қачон мен вафот этсам шу хатни кафанимга қўшиб кўм. Токи Раббимга шу хат билан йўлиқай”

Гуноҳимдан қўрқяпман

Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам жон таслим қилаётган кишининг олидга кириб сўрадилар:
-   Ўзингни қандай сезяпсан?
-   Гуноҳларимдан қўрқяпман, лекин тангримнинг раҳматидан умидворман, – жавоб берди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бердилар:
-   Қайси банданинг қалбида шу ўринда бу иккиси жам бўлар экан, Алллоҳ унинг умид қилганини бериб, қўрққанидан омонлик бермай қўймас.


Ўзингизни ҳисоб қилинг!
Мурод қабиласидан бир киши Авс Қараний раҳимаҳуллоҳдан сўради:
-   Қандай тонг оттирдинг?
-   Аллоҳга ҳамд билан тонг оттирдим, – жавоб берди Авс.
-   Замон сенга қандай бўляпти?
-   Эй муродий биродарим, замоннинг ўзи ҳам, унинг зикри ҳам бу ер юзида мўминнинг қабига шодлик олиб келмагай. Аллоҳнинг китобидан унинг нималигини билган инсон уни дўст тутмагай, олтин ва кумушга ҳарис бўлмагай.
-   Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадислардан айтиб бер.
-   Эй биродарим, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаганман, лекин ушбу ҳадисга амал қилишингни тавсия қилурман:
“Ҳисоб қилинмаслигингиздан аввал ўзларингизни ҳисоб қилиб олинглар. Бас, Аллоҳ дунёни охират учун кўприк қилган. Шундай экан ундан ибрат олинглар!”


Аллоҳга нима деб жавоб берасан?
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир киши келиб:
-   Менга фалончи зулм қилди. Унга чора кўриб қўйинг! – деди.
Ҳазрат Умар дарраси билан унинг бошига уриб:
-   Умарни мусулмонларнинг ишлари билан шуғуланишга чорлайсизлар-да, олдига келиб: “Унга чора кўриб қўйинг! Унга чора кўриб қўйинг!” дейсизлар.
Келган киши норизо ҳолатда чиқиб кетди.
-   Уни чақиринглар! – деди Умар разияллоҳу анҳу. Сўнг унга чилчўпни берди ва: - Қасосингни ол! – деди.
-   Йўқ, мен уни Аллоҳга ва ўзингизга ҳавола қилдим!
-   Йўқ! Ундай бўлмайди. Уни ё Аллоҳга ёки ўзимга ҳавола қил.
-   Уни Аллоҳга ҳавола қилдим, – деб киши чиқиб кетди.
Умар разияллоҳу анҳу хонасига кириб икки ракаъат намоз ўқиди. Кейин ўзига ўзи: “Эй Хаттобнинг ўғли! Сен тубан эдинг, Аллоҳ сени кўтарди. Залолатда эдинг, ҳидоят қилди. Хор эдинг азиз қилди. Сўнг сени инсонларнинг бўйнига юклаб қўйди. Сенинг олдингга бир киши келиб зулм қилган кишига чора кўришингни сўраса, уни урдинг! Эртага Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?!” деб йиғлади.


Эй Раббим! Сендан қўрқдим
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қиладилар:
“Сизлардан аввалгилардан бир киши гуноҳ қилишда ҳаддан ошган эди. Сўнг ўғилларини тўплаб уларга:
-   Мен вафот этсам, жасадимни ёқинглар. Сўнг янчиб денгизга ташланглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ менга қодир бўлса биронта ҳам инсон жазоланмаган азобни берур, – деди.
У киши вафот этганида уни ўшандай қилишди. Сўнг Аллоҳ ерга: Олганингни қайтар!” деб буюрди.шундай қилиб у Аллоҳнинг ҳузурида турди. Аллоҳ сўради: “Бундай қилишингга сени нима ундади?” У: “Эй Раббим! Сендан қўрқишим” деб жавоб берди. Аллоҳ уни мағфират қилди.


Аллоҳ мени сўроқлагай
Умар разияллоҳу анҳу Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг олдига кириб салом берди. Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эса негадур саломга алик олмаган эди Умар разияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳуга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси мендан ғазабланиб қолдими, деб қўрқаман, – деди.
Абдураҳмон Абу Бакрга бу ҳақда айтган эди Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу:
-   У кирганида олдимда икки хусуматчи бор эди. Мен Аллоҳ таоло улар нима дегани-ю, мен нима деганимни сўроқ қилишини билганимдан бор эътиборим билан кўзим ва қулоғимни уларга жалб қилиб олган эканман, – деб жавоб берди.


Аллоҳ калимаси озод қилди
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб мусулмонларнинг аҳволларини ўрганиш учун айланиб чиққан эди. Бир маҳал мудроқ босиб қолди. Шу пайт олдида қўй подасини етаклаб бир киш ўтиб қолди. Умар разияллоҳу анҳунинг уйқуси очилиб, синаб кўриш учун унга савол берди:
-   Қўйларингдан бирини менга сот.
-   Бу қўйлар меники эмас. Мен бир қулман. Бу қўйлар ҳожамники, – жавоб берди қул.
-   Бу ерда бизни ҳожанг кўрармиди. Биттасини сот, ҳожангга бўри еб кетди деб қўяверасан, – деди Умар разияллоҳу анҳу. Бу сўзларни эшитган чўпон бир сесканиб наъра тортди:
-   Эй араб биродарим! Аллоҳ кўрмайдими?!
Эртасига эрталаб Умар разияллоҳу анҳу унинг ҳожасини топтирди ва қулни ундан сотиб олиб озод қилиб юборди. Сўнг унга шундай деди:
-   “Аллоҳ” калимаси сени бу дунёда қулликдан озод қилди. Умид қилурманки, охиратда дўзах азобидан ҳам озод қилса.



Неъматлардан сўраласизлар
Абу Ҳозим айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. У ени кўрибоқ таниди, мен эса бир кўришда танимадим.
-   Эй Абу Ҳозим! Менга яқинроқ кел, – деди у. Яқинроқ борган эдим, мен ҳам уни танидим.
-   Сенмисан, мўминларнинг амири? – сўрадим.
-   Ҳа, – жавоб берди у.
-   Кеча кечқурун Мадинада бўлмадингми?
-   Шундоқ.
-   Маркабинг учқур, кийиминг покиза, юзинг кўркам, таоминг лаззатли экан. Сен мўминларнинг амри бўлганингдан кейин нима нарса сени бунчалик ўзгартириб юборди?
У йиғлаб юборди. Сўнг :
-   Эй Абу Ҳозим! Вафот этиб қабрга қўйилганимдан сўнг уч кун ўтгандан кейин кўрсанг эди? Қорачиқларим лунжларимга оқиб тушган, қоринларим ёрилган, қурт-қумирсқалар баданимда ўрмалаб юрган бўлса ҳолим нима кечар экан?... Эй Абу Ҳозим! Менга Мадинада айтиб берган ҳадисни яна бир қайтар, – деди. Мен унга ўша ҳадисни эслатдим:
-   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан эшитганман, у айтар эди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларнинг рўпарангизда машаққатли ва ҳалокатли тўсиқ бор. Ундан фақат ориқ ва қотмаларгина ўта олур” деганларини эшитганман”.
Умар яна йиғлади. Сўнг айтди:
-   Эй Абу Ҳозим! Мени маломат қилавергин, токи бу маломатларингдан озиб кетай. Шоядки ўша кунда тўсиқ ҳалокатидан нажот топсам. Бўлмаса “Неъматдан албатта сўралажаксизлар” оятидаги каби сўралганимда нажот топаман деб ўйламайман”.

Абу Саъдун
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Бир кеча Байтни тавоф қилаётган эдим, кўзимни уйу элтиб қолди. Шу пайт бир киши илдамлаб, менинг олдимдан ўтиб қолди. У: “Эй Раббим! Мен бир бошпанасиз сарсон-саргардон мискин бандангман. Мен Сендан Сенга яқинлаштиргувчи амалларни сўрайман. Ўзинг танлаб олган мукаррам пайғамбарларинг ҳурматидан муҳаббатинг шарбатидан ичиришингни ва завқу-шавқ қанотларини боғлаб Сенинг гулшанинг сари парвоз қилишлигим учун қалбимдан жаҳолат пардасини олиб ташлашингни сўрайман” деди ва йиғлади. Кейин кулди. Сўнг кулди ва йўлида давом этиб кетди”.
Зуннун унинг ортидан эргашди. Масжиддан чиқиб, унинг ортидан Макка хароботларигача борди. Шунда у киши:
-   Сенга нима керак? Бошқа ишинг йўқми? Қайт ортингга! – деди.
-   Аллоҳ сенга раҳм қилсин, исминг нима? – сўради Зуннун.
-   Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси)
-   Отангни исми нима?
-   Абдуллоҳ.
-   Тўғри, ҳамма инсонлар ҳам Аллоҳнинг бандалари. Уларнинг оталари ҳам Аллоҳнинг бандалари. Ўзингни исминг нима?
-   Раббим мени Абу Саъдун деб номлаган.
-   Сен Аллоҳга кимларни васила қилдинг?
-   Улур шундай зотларки, забонийларнинг азоблашларидан қўрққан, қалблари тўла муҳаббат ила Аллоҳнинг розилигига ошиққандурлар!


Ҳомиланинг хуни
Ким Аллоҳдан қўрқса, бошқа барча нарсанинг олдида у ҳайбатли бўлур. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Аллоҳдан қанчалар қўрққан бўлса, ундан ҳам барча инсонлар ҳайиқар эди. Ҳатто “Ҳажжожнинг қиличидан кўра Умарнинг дарраси маҳобатлироқ эди” деганлар.
Умар разияллоҳу анҳу эл ичида ҳар хил гап-сўзи тарқаган бир аёлни чақиртирди. Уни олиб боргани вакиллар келган эди қўрқиб қалтираб кетди. Йўлга чиқишганидан кейин қўрқув ичида ҳомиласи тушиб кетиб нобуд бўлди.
Буни эшитган Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини йиғиб, улардан бунинг ҳукми нима бўлишини сўради. Улар: “Кўриб турибмизки, сен уни тартибга солмоқчи бўлган эдинг. Яхшиликдан бошқа ҳеч нарса истамаган эдинг. Шунинг учун сенга бок йўқ” дейишди.
Фақат Али каррамаллоҳу важҳаҳу индамай ўтирар эди.
-   Эй Абу Ҳасан, сенда қандай фикр бор? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Булар нима деганини эшитиб турибсан, – жавоб берди Али каррамаллоҳу важҳаҳу.
-   Сенинг ўзингда қандай фикр бор?
-   Одамлар сен эшитган нарсани айтдилар.
-   Аллоҳга қасамки, ўз фикрингни айтасан!
-   Унинг хуни сенинг оилангиннг зиммасига бўлади. Чунки боланинг хатоан ўлдирилиши сенга таъаллуқли бўлди.
-   Аллоҳга қасамки, уларнинг орасида сен менга тўғри сўз айтдинг. Энди мен боланинг хунини Бани Адий жамоасига жорий қилмагунимча кетмай тур!


Раббим мендан сўрагайдур!
Халифа Сулаймон ибн Абдумалик вафот этди. Унинг жанозасидан фориғ бўлишганларидан сўнг Умар ибн Абдулазиз ғамнок ҳолда уйига қайтди. Бу ҳолни кўриб унинг мавлоси:
-   Нечук ғамноксиз? – деб сўради. Умар ибн Абдулазизи жавоб берди:
-   Қандоқ ҳам ғамга чўкмай? Ҳолбуки бутун умматнинг ҳаққини адо этиш масъулиятини ўз зиммамга олишга рози бўлган бўлсам!
Сўнг йиғлаб юборган эди аёли кириб йиғининг сабабини сўради.
-   Мен бу умматнинг барча ишлари учун раҳбар бўлдим. Менинг тасарруфимдаги қишлоғу-шаҳарлардаги барча фақирлар, очлар, хаста-беморлар, чорасиз қарздорлар, ўксик етимлар, бева қолган туллар, жабрдийда мазлумлар, ғариблар, асирлар, мункиллаган қариялар, камбағал аёлвандлар ва шу кабилар ҳақида тафаккур қилиб билдимки, Аллоҳ таоло қиёмат кунда мендан улар ҳақида албатта сўрагайдур! Шунга йиғламоқдаман, – жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.


Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: Orifjon Hanafiy 12 Avgust 2015, 16:49:23
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ТАВБА
وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى
“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман”. (Тоҳо. 82)
Тавба – банда ўзлигини англаб, қилган гуноҳларига надомат чекиб, келгуси ҳаётида яна шундай ҳолатга дучор бўлиб қолса ҳам ўша гуноҳни такрорламасликка чин дилдан азм қилишликдур. Шундагина банда ҳақиқатан Аллоҳга тавба қилган, ва Унинг розилиги йўлига юрган саналади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кечасида гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кун бўйи илтифот қилади. Кундази гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кечаси билан илтифот қилади.
Тавба икки хил бўлади:
– биринчиси меҳрибон ва шафқатли Аллоҳ таоло томонидан бўлади. Бу  - Аллоҳнинг бандаларига марҳамати ва банданинг тавбасини қабул қилишлиги;
– иккинчиси банда томонидан бўлади. Бу – гуноҳдан қайтишлик ва истиғфор айтиб гуноҳи кечирилишидан умидвор бўлишлик.
Пок Парвардигорнинг раҳмати ҳар бир нарсани ўзи ичига олгусидур. Унинг раҳмати кенгдур. Гуноҳдан қайтишни ирода қилган ҳар бир гуноҳкор осий бандага етиб борур. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавба қилиб истиғфор айтган бандасидан Ўз раҳматини дариғ тутмагай. Шунинг учун мен тавбанинг фазилат қанчалар буюк, тавба қилган бандага тавба қилгани учун Правардигори томонидан марҳамат қилинадиган мукофотлари қанчалар улуғлиги бизларга далил бўлсин деб бу бобда қиссалардан бир қанчасини тақдим қилдим.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳадиси қдсийда айтади:
“Эй одам боласи! Мен сени ўз қудратим билан яратдим, неъматим ила тарбия қилдим. Сен эса менга хилоф қилдинг ва осийлик қилдинг. Агар  Менга қайтсанг, Мен сенинг тавбангни қабул қиламан. Мен шунчалик кечиримили ва меҳрибондурман, сен Менга ўхшаган тангрини қаёқдан топа оласан?!”

Зониянинг тавбаси
Жуҳайнадан бўлган бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
-   Мен жазолашга лойиқ иш қилиб қўйдим. Уни менга қўллашингизни сўрайман, – деди.
У зинодан ҳомиладор бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни токи туққунга қадар чиройли парваришлаш учун валийсига топширдилар. Қачон туғиб, нифосдан пок бўлиб, эмизишларни адо қилганидан сўнг тошбўрон қилдирдилар. Унинг жанозасини ўқимоқчи бўлган эдилар Умар разияллоҳу анҳу ажабланиб сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расули! У зинокор бўлса ҳам жанозасини ўқийверасизми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   У шундай тавба қилдики, унинг тавбасини Мадина аҳлидан етмиштасига тақсимлаб берсам ортиб қолур. Қандай қилиб жанозасини ўқимайин, ҳолбуки у ўз жонини Аллоҳ йўлида қурбон қилган бўлса!?


Каъб ибн Моликнинг тавбаси
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобини Табук ғазотидан шаръий узрсиз қолган кимсалар билан гаплашишдан тақиқлаб қўйдилар. Улар Каъб ибн Молик, Мирора ибн Рабиъ ва Ҳилол ибн Умайя эди.
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади:
“Одамлар биздан қочар, муносабатлари ўзгариб қолган эди. Ҳатто ер ҳам, бошқа нарсалар ҳам мендан ўзини олиб қочаётгандек эди. Бу ҳолат эллик кеча давом этди. Иккала шерикларим эса уйларидан чиқмай йиғлаб ўтирар эдилар. Мен эса қавмнинг ёшроғи ва бардошлироғи эдим. Шунинг учун мен чиқиб намозни мусулмонлар бирга ўқир ва бозор айланиб юрар эдим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздан кейинги мажлисларига бориб салом берар эдим. Ўзимча “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг саломимга жавоб қайтариш учун лабларини қимирлатдилармикин ё йўқми” дер эдим. Сўнг у зотга яқин бўлиб намоз ўқиб, яширинча назар солиб қўяр эдим. Қачон намозимга юзлансам, менга юзланар, у зот томонга қарасам, юз ўгириб олар эдилар.
Шу ҳолатда одамларнинг мендан алоқа узишлари чўзилиб кетди. Шунда мен бориб, амакимнинг ўғли, мен учун инсонларнинг энг суюклиси бўлган Абу Қатоданинг деворидан тирмашиб тушиб унга салом бердим. Аллоҳга қасамки, у ҳам менга жавоб қайтармади. Мeн унга:
-   Эй Абу Қатода, сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман. Сен мeнинг Аллоҳни ва расулини яхши кўришимни биласанми? - дeдим.
У сукут қилди. Иккинчи бор яна Аллоҳнинг номи билан сўрадим. Яна сукут қилди. Учинчи бор ҳам Аллоҳнинг номи билан сўраган эдим:
-   Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ, - дeди. Шунда икки кўзим ёшга тўлиб, дeвордан тирмашиб орқамга қайтиб кeтдим.
Эллик кечадан сўнг уйимизнинг тeпасида бомдод намозини ўқиётган эдим, Аллоҳ зикр қилгандек ҳолимда юрагим сиқилиб, ер кeнг бўлишига қарамай, торайиб кeтгандeк бўлиб турган бир пайтда ногаҳон бир кишининг Сал тeпалигига чиқиб олиб баланд овози билан:
-   Эй Каъб ибн Молик! Суюнч хабари! – деган овозини эшитиб қолдим.
Хурсандчилик соати кeлганини билиб, саждага йиқилдим. Инсонларнинг энг билгувчироғи - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози вақтида Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мeн ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини бeришга шошилишибди. Бир киши мeнинг олдимга от минган ҳолда чопиб кeлди. Яна бир киши Аслам қабиласидан пиёда кeлди. Бу киши тоғ ошиб кeлиб баланд овоз ила башорат бeрди. Унинг овози отдан ҳам тeзроқ эди. Мeнинг ҳузуримга хушхабар олиб кeлиб бақирган кишига суюнчи учун устимдаги икки кийимимни ечиб, унга кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунда шу икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим.
Энди мeн икки кийимни қарзга олиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мeни табриклашарди. Улар мeнга: “Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз!”, дeйишар эди.
Масжидга кирсам. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида  одамлар билан ўтирган эканлар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу ўрнидан турди-да, мeн томон югуриб, мeн билан қўл бeриб сўрашиб табриклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан Талҳа разияллоҳу анҳудан бошқа бирор киши турмади. Шунинг учун уни ҳаргиз унутмайман.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бeрдим. У зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб:
-   Онанг сени туққанидан бери ўтган кунларнинг энг яхшисининг хурсандлик хабарини бeраман! – дeдилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу Сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми? – сўрадим. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Йўқ, бу Аллоҳ  томонидан, - дeдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлсалар, юзлари гуёки ойнинг парчасига ўхшаб нурланиб кeтар эди. Биз буни шундан билиб олар эдик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни тиловат қилдилар:
وَعَلَى الثَّلاَثَةِ الَّذِينَ خُلِّفُواْ حَتَّى إِذَا ضَاقَتْ عَلَيْهِمُ الأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ وَضَاقَتْ عَلَيْهِمْ أَنفُسُهُمْ وَظَنُّواْ أَن لاَّ مَلْجَأَ مِنَ اللّهِ إِلاَّ إِلَيْهِ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ لِيَتُوبُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
“Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Тавба. 118)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида ўтириб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, мeн бу тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан, дeдим. У зот:
-   Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Шу сeн учун яхши бўлади, - дeдилар. Мeн:
-   Ундай бўлса Хайбардаги улушимни олиб қоламан, - дедим”.


Абу Суфённинг кечирилиши
Абу суфён ибн Ҳорис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси ва эмикдош биродари эди. Уни ҳам Ҳалимаи Саъдия разияллоҳу анҳо эмизган эди. Ёшлигидан Расулуллоҳнинг  ўртоғи бўлган. Аммо пайғамбар бўлгач у зотга ҳеч кимга қилмаган душманликлар қилди. Расулуллоҳни ва саҳобаларини ҳажв қилар эди.
   Шу зайлда 20 йил давомида Расулуллоҳга душманлик қилиб мусулмонларни ҳажв қилди. Қурайш қабиласи Расулуллоҳга қарши жанг қилиши учун чиққан ўринларнинг бирортасидан ҳам қолмади.
   Кейин эса Аллоҳ таоло унинг кўнглини Исломга мойил қилди. Ҳолбуки унинг қонини тўкишлик ҳалол қилинган эди.
   Абвода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара келди. Абу Суфён айтади: “Менга кўзлари тушиши билан мендан юзини ўгириб олдилар. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Расулуллоҳ мендан юз ўгирганини кўришиб мусулмонларнинг ҳаммалари юз ўгирдилар.
   Ансорлардан бирор кишини ўртага солиши умидида Умарга қарадим. У  эса “Эй Аллоҳнинг душмани! Сен эмасми Расулуллоҳга ва асҳобларига озор берган! Душманлигинг машриқу мағрибни тўлдирди-ку!” деди.
Сўнгра Аббоснинг олдига кириб: “Эй амаки, мен исломга киришим билан ўз яқинлигим ва ашрафим туфайли Расулуллоҳни хурсанд қиламан деб умид қилган эдим, аммо ўзингиз кўриб тургандек бўлди. Энди ўзингиз гаплашиб мендан рози бўлишга кўндириб беринг” дедим.
“Йўқ! Аллоҳга қасамки, шу ҳолатни кўриб туриб у зот билан сен тўғрингда асло гаплашмагайман!”
Али билан гаплашсам у ҳам ўша гапдан бошқа сўз айтмади.
Бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшигининг олдига ўтириб олдим. Аммо на Расулуллоҳ на мусулмонлардан бирор киши менга бир оғиз ҳам гапирмадилар. Қаёққа борсалар ҳам ўғлим Жаъфарни олиб эшигининг олдида ўтиравердим. Бироқ менда фақатгина юз ўгирар эдилар.
Бирга юравердим. Макка фатҳи кунларида ҳам бирга бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абтаҳга тушганларида ёнларига яқин бордим. Бу сафар аввалгидан кўра  мулойим назар ташладиларки, ҳатто табассум қилсалар деб умид қилдим.
У зотнинг ҳузурларига бани Абдулмутталибнинг аёллари байъат қилиш учун келганларида менинг хотиним ҳам бирга келди. Унинг исломга кириши менга нисбатан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгиллари яна ҳам юмшашига сабаб бўлди.
Ҳунайн ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хачирларини тўхтатиб қиличларини яланғочладилар. Мен ҳам қўлимда қилич билан отимдан сакраб тушдим. Аббос хачирнинг жуганининг бир тарафини, мен иккинчи тарафидан тутдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ким?” деб сўрадилар.
Аббос: “Бу сенинг биродаринг, амакингнинг ўғли Абу суфён ибн Ҳорис. Эй Аллоҳнинг расули! Энди ундан рози бўлиб қўйгин” деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хўп, майли. Менга душманлик  учун қилган ҳар бир адоватини Аллоҳ кечирсин!” дедилар.
Жангда қатнашдим. Мен энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ёғилаётган душман найзаларидан асло ҳайиқмас эдим. Қачонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни мўлжалга олганларида менга:  “Олдинга ўт!” дедилар. Шундай ҳамла қилдимки, душманлар ўз ўринларидан чекинишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортимдан изма-из келдилар. Уларнинг ҳар бирини бир фарсаҳдан узоқликка улоқтириб юбордимки, натижада ҳар тарафга тум-тарақай бўлиб кетишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ховуч тупроқ олиб мушрикларга томонга: “Шоҳатил вужуҳ” (“Юзларинг дабдала бўлсин!) деб сочиб юбордилар. Сўнгра: “Каъбанинг Раббисига қасамки, хор бўлгайсизлар!”дедилар”.


Аллоҳ Кифлни мағфират қилди
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Бани Исроилда ҳеч қандай гуноҳдан қайтмайдиган Кифл бор эди. Унин олдига бир аёл келиб қолди. Унга олтмиш динор бериб мақсадини ҳосил қилмоқчи бўлди. Эркаклар ўз хотинлари билан қиладиган ишни бошламоқчи бўлган эди, аёл қалтираб йиғлаб юборди.
-   Нимага йиғлаяпсан, ёки бу иш сенга ёқмаяптими? – сўради Кифл.
-   Йўқ. Лекин мен муҳтожлигим сабабли ҳаётимда ҳеч қачон қилмаган ишни қилишга мажбур бўляпман – жавоб берди аёл.
-   Агар асло қилмаган ишингни қилаётган бўлсанг, бор, кетавер! Пул ҳам сенга! – деди Кифл. Сўнг: “Аллоҳга қасамки, қайтиб Аллоҳга осийлик қилмайман!” деб қасам ичди.
Шу кеча вафот этди. Эшигида: “Аллоҳ Кифлни мағфират қилди” деган ёзув пайдо бўлиб қолди.


Амр ибн Оснинг Исломга кириши
Бир киши ўрнидан туриб Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Сени нима нарса Иломга киришингни пайсалга солди?
У жавоб берди:
-   Бизлар ўзимиздан муқаддамроқ қавм билан эдик. Уларнинг доноликлари тоғларга қиёс эди. Қачонки пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват келганида улар инкор қилдилар, биз ҳам уларга тақлид қилдик. Улар кетиб, иш ўзимизга қолганида, бизлар тафаккур ва тадаббур қилиб кўрдик. Ҳақ аниқ баён бўлгач, қалбим Исломга мойил бўлди. Мен Исломга дарҳол кира қолмай тарддудда бўлганимни шундан деб биламан. Менинг олдимга бир йигитни юборишди. У мен бу Ислом тўғрисида мунозара қилди. Мен унга: “У зотнинг яхши амаллар қилганларга мукофот, ёмон ишлар қилганларга жазо берилиши учун ўлгандан сўнг тирилишимиз ҳақида айтган сўзлари ҳақ эканлигини қалбимдан ҳис қилмоқдаман. Шундай экан ботил ишларда бардавом бўлмоқлик яхши эмас” дедим.
Шундан сўнг Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Исломга кириш учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йўл олди. Йўлда Холид ибн Валид ва Бани Абду Дордан бўлган, Каъбанинг нозири Усмон ибн Талҳага йўлиқиб қолди. Холиддан сўради:
-   Қаёққа кетмоқдасан, эй Сулаймоннинг отаси?
-   Аллоҳга қасамки, энди фурсат етиб келди. У зот ҳақиқатан пайғамбардур! Аллоҳга қасамки, Исломга кирмоқ учун бормоқдаман. Қачонгача шу ҳолда юрамиз, ахир!
-   Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен Ислом учунгина йўлга тушдим.
Улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга назар солдилар ва асҳобига:
-   Батаҳқиқ, Макка сизларга ўзинниг жигарпораларини юборибди, – дедилар.
Аввал Холид ибн Валид Исломни қабул қилди. Сўнг Амр ибн Ос:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг аввалги гуноҳларимни кечиришингиз шарти билан байъат қиламан, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Амр, байъат қилавер. Зеро Ислом ўзидан аввалгиларини кечиб юборади. Ҳижрат ҳам ўзидан аввалгиларини кечиб юборади, - дедилар.
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг унинг шижоати ва маърифатини юқорилигидан ўзларига яқин олиб юрдилар. Шунинг учун Макка фатҳида унга Қуронда зикр қилинган бутлардан Ҳузайл қабиласига тегишли бўлган Сувоъ исмли бутни ағдариш вазифасини топширдилар. Амр разияллоҳу анҳу борганида бутнинг роҳиби уни бу ишдан қайтариб, ишининг оқибати ёмон бўлишлигидан огоҳлантирди. Амр унга:
-   Сен ҳали ҳам ботилликдамисан? – деди ва бутни ағдариб ташлади. Сўнг нозирга қараб: - Хўш, энди нима дейсан? – деб сўради. Роҳиб:
-   Оламларнинг Раббиси Аллоҳга имон келтирдим, - деди.


Сен дўзах аҳлидан эмассан
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайсни суриштириб қолдилар. Собит ўз жамоатида ўзига яраша мақомга эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Унинг қаерда эканлигини менга ким айтиб беради? – сўрадилар. Бир киши:
-   Мен, Эй Аллоҳнинг расули! – деди. У киши бориб уни уйида бошини хам қилиб ўтирган ҳолда топди.
-   Сенга нима бўлди? – деб сўради киши.
-   Ёмон! – жавоб берди Собит, - Мен овозимни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозидан баландроқ қилган эдим. Энди менинг амалларим куйиб кетди. Мен энди дўзах аҳлидан бўлиб қолдим!
У киши қайтиб бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг сўзларини етказди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Унинг олдига бориб: “Сен дўзах аҳлидан эмассан, балки жаннат аҳлидансан” деб айт, - дедилар. Хабарчи бориб Собит разияллоҳу анҳуга мана шундай улкан башорат хабарини етказди.


Ваҳшийнинг муслмон бўлиши
Уҳуд ғазотида ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули Ваҳший томонидан қатл қилингач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қатл қилишга ҳукм қилдилар. У эса қатладан қўрқиб саҳрога қочиб кетди. Кунлардан бир кун унинг қалбида Исломга кириш хоҳиши пайдо бўлиб қолди. Инчунун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хат ёзди:
“Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен Исломга киришни хоҳлайман, лекин Аллоҳ таоло сенга нозил қилган ушбу оят мени тўсмоқда:
* وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهاً آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَاماً * يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَاناً *
“Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб) да хор бўлиб абадий қолур”. (Фурқон. 68-69)
Мени сен биласан – мушрикман, қотилман ва зонийман”.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلاً صَالِحاً فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُوراً رَّحِيماً
“Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир”. (Фурқон. 70)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар.  Ваҳший жавоб хатини олгач, яна хат жўнатди:
“Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бу оятда шарт бор экан”. Бу билан Ваҳший тавба қилиб, имон келтириб, яхши амаллар қилиш шартини назарда тутди. У бу шартларсиз Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини хоҳлаган эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:
إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاءُ
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур”. (Нисо. 48)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна унинг хатига жавобан бу оятни юборди. Аммо Ваҳший Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яна жўнатди:
“Бу оятда хослик бор экан”. Бу билан у Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини кечиришини, у эса ўша хоҳлаган бандаси бўлмаслиги этимоли борлигини назарда тутган эди.
Бандаларига ўта раҳмдил бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт”. (Тавба. 53)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар. Ваҳший хатни ўқиди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлганини эълон қилди.
Шундай қилиб Ваҳший Исломга кирди ва шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди. Мусайлама каззобни ҳам у ўлдирди ва: “Мен жоҳилиигимда эдим, инсонларнинг яхшисини ўлдирдим. Энди эса Исломдаман, одамларнинг ёмонини ўлдирдим”.


Аллоҳнинг марҳамати
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикоя қилиб бердилар:
“Сизлардан бурунгилардан бир киши бўлган эди. У тўқсон тўққизта одамни ўлдирди. Сўнг ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир роҳибни айтишди. Унинг олдига бориб:
-   Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдрди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:
-   Йўқ, - деди. Уни ҳам ўлдирди. Шу билан тўлиқ юзта бўлди. Сўнг чна ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир олимни айтишди.
Унинг олдига бориб:
-   Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдрди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:
-   Ҳа. Сен билан тавбанинг орасини ким ҳам тўса оларди? – деб жавоб берди. Сўнг яна сўзида давом этди: - Сен фалон-фалон жойга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилгувчи инсонлар бор. Сен ҳам бориб улар билан ибодат қил. Ўз юртингга қайтма! У ер ёмон жой!
У йўлга тушди. Йўлнинг ярмига етганида унга ўлим етиб келди. Шу жойда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари айтдилар:
-   У қалбидан Аллоҳ таолога юзланиб тавба қилиб келди.
Азоб фаришталари айтишди:
-   У сира яхши амал қилмади.
Уларнинг олдига бир фаришта одам суратида келиб қолди. У ни ўрталарига қўйишди. У:
-   Шу жойдан туриб икки ер орасидаги масофани ўлчанглар. Қайси бирига яқин бўлса, у ҳам ўшалардандир, - деди.
Аллоҳ таоло унисига, яъни ёмон ерга “Узоқлаш!” деб ваҳий қилди. Бунисига, яъни яхши ерга “Яқинлаш!” деб ваҳий қилди. Икки ер оралиғини  ўлчашди. Уни бунисига, яъни яхши ерга бир қарич яқин топишди. Шу билан у мағфират қилинди”.

Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: Orifjon Hanafiy 23 Fevral 2016, 16:00:45
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АДОЛАТ
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ إِنَّ اللّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِ إِنَّ اللّهَ كَانَ سَمِيعاً بَصِيراً
“Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир”. (Нисо. 58)
Ислом инсонни эзгуликка чорлайди. Уни камолот сари етказиб, яхшиликка етаклайди. Пировардида тангрисининг, инсонларнинг розилигини топиб, дунё ва охиратинг бахту-саодатига етишлиги учун Тангриси билан, руҳияти билан, ўз нафси билан, жамият ва башарият билан адолатда бўлишга тарғиб қилади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ لِلّهِ شُهَدَاء بِالْقِسْطِ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг”. (Моида. 8)
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)
Инсоннинг Тангриси билан адолатда бўлишлиги – ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога имонда, тақвода бўлишлиги ва Ундан қўрқишлиги. Мол-дунёсининг ҳаққини адо қилишдиги, ибодатда, муомалаларда ва ахлоқда Аллоҳ таолонинг шариатидаги кўрсатмаларга риоя қилишлиги, ман қилинган ёмон ва гуноҳ ишлардан узоқ бўлишлиги, яратган Парвардигорнинг беҳисоб неъматларига шукр қилишлигига кўра ибодат қилишлигидур. Банда ҳар бир сўз, амал ва жараёнда ҳушёрлик билан адолат қилишлиги бўлиш лозим.
Шубҳасизки, Аллоҳга тақво қилишлик инсонни Парвардигоридан қўрқишлик ва Ундан бошқасидан қўрқмаслик мақомига етказур. Натижада адолат унинг дастури, ҳақларни адо қилишлик бурчига айланади.
Аллоҳ таоло золимларга таҳдид ва аламли азобларни ваъда қилиб айтади:
وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ
“Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар”. (Шуъаро. 227)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
“Инсонлар қачон бир золимга дучор бўлсалар, лекин унинг қўлидан тутмасалар Аллоҳ Ўз ҳузуридан бўладиган азобда уларни ҳам бирга қилиши бор”.
Инсоннинг ўз нафси билан адолатда бўлишлиги танасини эҳтиёт қилиб саломат сақланиши учун керакли чораларни кўриб боришлигидур. Бу нарса барча тасарруфотларда меъёрда бўлишликдур. Чунки бунда меъёр фазилатдур. Фазилат эса икки нуқсон орасидаги ўртаҳолликдур. Шунингдек исроф эса соғликка зарар етказиб, молни совуриш эвазига баландпарвозлик, енгил ҳаёт ва латофтга олиб боргувчи жирканч дабдабадан иборатдур.
Шунинг учун Ислом динида эркакларнинг ҳарир либос кийишлари ва тилло тақинчоқлар тақиши ман этилган. У нарсалар хотинларга хосдур.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади:
وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф. 31)
Яна бошқа оятда эса шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَاماً
“Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”. (Фурқон. 67)
Инсоннинг бошқалар билан адолатда бўлишлиги эса, Ислом инсонлар орасида тенгликни жорий қилган. Мусулмонларга ҳам, мусулмон бўлмаганларга ҳам ҳурликни кафолатлаган. Динда ҳеч ким мажбур қилинмайди. Ҳар қандай инсон билан, гарчи адоват ва хусуматда бўлса ҳам адолат ила муносабатда бўлишга буюради.
Аллоҳ таоло айтади:
وَلاَ يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلاَّ تَعْدِلُواْ اعْدِلُواْ هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ
“Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир”. (Моида. 8)
Ислом ҳар бир жавобгар шахсни адолатга ўз меъёрида риоя қилишга чақиради. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳар тасарруфоти адолатга асосланган. Шариатимизда бандага тоқатидан ташқари зулм қилинмайди, балки адолат ила тоқатига яраша амал қилишга буюриладики, токи жамият омонлик ва барқарорликни ҳис қилсин. Токи амаллар ва ободонлик учун вақт ажратсин. Ватанини мудофаъа қилсин.
Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ
“Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир”. (Нисо. 58)
Ушбу ривоят қилинажак ҳадисда ҳам раъият аро барпо қилинган адолатнинг самарасида қанчалик тенглик ҳосил бўлганини кўришимиз мумкин.
Мусулмон лашкаридаги бир аскар халиф Умар разияллоҳу анҳуа ўзининг қўмондони бўлмиш Абу Мусо Ашъарий уни уриб, сочини қирдириб юборганидан шикоят қилиб келганида Умар разияллоҳу анҳу Абу Мусога хат ёзиб, лашкар қошида аскар қасосини олишини буюрди.
Аскар қайти бориб унга хатни кўрсатди. Абу Мусо лашкар олдида қасосини олиши учун тайёр бўлиб ўтирди. Шунда лашкар осмонга қараб бир ҳайқирди-да:
-   Эй Аллоҳ! Мен уни Сен учун афв қилдим! – деб қасосдан воз кечди.
Ислом динида адолат қилишлик Ҳақ учун аниқлик асосида ҳар томонлама эътибор беришни ва адолатга тўла риоя қилиш билан зулмни бартараф қилишни тақозо қилади.
Ҳар бир масъул шахсга ўзига топширилган ишда тўлиқ жавобгар эканлигини доимий равишда ҳис қилиб туришни вожиб қилади. Натижада ҳақ учун, адолат учун энг тўғри ва холис ёндошишликни тақозо қиладики, токи ҳукм қилишда ошириб ҳам юбормасин, камитиб ҳам қўймасин.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Қиёмат куни волийлар келтирилади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Сизлар ердаги халифаларим (бандаларим)нинг етакчилари, мулкимнинг жавобгарларимидингиз?”
Сўнг уларнинг биридан: “Сен нима учун бандаларимни буюрилган ҳаддан ортиқча урдинг?” деб сўрайди. У: “Эй Раббим! Улар Сенга осийлик қилишган ва Сенга хилоф қилишган эди” деб жавоб беради.
Сўнг яна биридан: “Сен нима учун буюрилган ҳаддан кам жазоладинг?” деб сўрайди. У: “Эй Раббим! Мен уларга раҳм қилдим” деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Сен қандай қилиб Мендан ҳам кўра раҳмлироқ бўлурсан?! Зиёда қилганни ҳам, кам қилганни ҳам тутинглар! Уларни жаҳаннамнинг тубига ташланглар!” дейди”.
 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Уч кишининг дуоси рад қилинмас: одил подшоҳнинг; рўзадорнинг, ифтор қилгунича; мазлумнинг дуоси. (Уларнинг дуолари) булутларга юкланур, унга осмоннинг эшиклари очилур”.
Бизларга етиб келган ривоятларга кўра одил ҳакамлар зулм бўлиб қолмаслиги учун ишларини ниҳоятда синчковлик билан тадқиқ қилганларки, уларга эргашмоғимиз, уларнинг равияларида юришимиз лозим бўлади. Шоядки Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ризоси ва раҳматига эришсак.


Қизим Фотима ўғирлик қилса...
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Фатҳ ғазотида махзумийлардан бўлган бир аёл ўғирлик қилди. Қурайшликлар ундан ташвишга тушиб қолишди. “Ким уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўради?” дейишди. “Унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳбуби Усома ибн Зайддан бошқа ким ҳам журъат қилур эди” дейишди.
Усома ибн Зайд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб у ҳақда гапирди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб кетди ва:
“Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган ҳадда шафоқтчилик қилурмисан?!” дедилар. Шунда Усома:
“Эй Аллоҳнинг расули! Менинг гуноҳимни сўраб беринг?” деди.
Хуфтон вақти бўлганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба ўқидилар. Аллоҳнинг Зотига лойиқ сано айтдилар. Сўнг:
“Аммо баъд. Сиздан аввалгилар ашрофлари ўғирлик қилса уни тарк этиб, заифлари ўғирлик қилса унга жазо қўллаганликлари учун ҳалок бўлдилар. Мен эса, жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилса ҳам, албатта қўлини кесурман!” дедилар.


Омонатга олинган маржон
Али ибн Абу Толибнинг қизи Зайнаб зийнатланиш ва безанишни ирода қилди. Мусулмонларнинг байтул-молида қимматбаҳо марварид маржон бор эди. Батул молнинг раҳбари ибн Абу Рифоъанинг олдига бориб, уч кунлик хайит кунларида тақиб туриб, яна байтул молга қайтириб бериш учун маржонни сўради. Ибн Абу Рифоъа уни берди.
Маржонни тақиб юрган эди, Али разияллоҳу анҳу кўриб қолди. Кўзларидан ғазаб ўти чақнаб:
-   Бу маржон сенга қаердан келиб қолди?! Уни сенга ким берди?! – деди.
Зайнаб қўрққанидан ранглари оқариб:
-   Мен уни Абу Рифоъадан хайит кунларида уч кунгина тақиб, яна қайтариб беришлик учун олган эдим, - деди.
Мўминларнинг амири ҳазрат Али разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг молини кўз қорчиғидай асрар ва ниҳоятда адолатда бўлар эдилар, ибн Абу Рифоъани чақиртирди. Унга ғазаб қилди ва:
-   Бошқа мусулмонларнинг қизлари қолиб, менинг қизимгагина маржон беришни сенга ким буюрди?! Ёки мусулмонларнинг молини хоҳлаганингча тасарруф қилишга улардан рухсат олганмисан?! – деди.
-   Эй мўминларнинг амири, у сизнинг қизингиз-ку? – деди у. Аммо унинг бу хайрихоҳлиги ҳазрат Алининг ғазабини пасайтира олмади ва қаноатлантирмади.
-   Шу қизим қиёмат кунида мени азобдан сақлаб оладими?! Менинг гуноҳимни ўзига юклай оладими?! – деди.
-   Йўқ, эй мўминларнинг амири.
-   Дарҳол маржонни олиб, байтул молга топшир! Яна шундай ҳолат такрорланса, мен сени жазолайман!
Маржонни қайтариб олиб, ўрнига қўйдилар.

Эҳтиёжингдан ортиғи мумкин эмас!
   Ривоят қилинишича ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бошқа мусулмонларга бергани каби биродари Уқайлга ҳар куни оиласига кифоя қилгулик арпа берар эди. Лекин Уқайл ҳар куни ўзига берилган арпадан озроқ ажратиб, тўплаб қўяр эди. Ўша тўплаганлари кўпайиб бир мунча бўлиб қолгач, пулига хурмо ва ёғ сотиб олиб, фарзандлари яхши кўрган егулик – ҳариса (ҳолвайтар) тайёрлади. Бемор тузалиб кетишга қандай иштиёқ қилса, улар ҳам ҳарисага шундай иштиёқ қилишар эди.
   Сўнг Али разияллоҳу анҳуни ҳам байрамона дастурхонга таклиф қилишди. Таом дастурхонга келтирилгач, ҳазрат Али сўради:
-   Бу қаердан келди?
-   Биз ҳар куни улушимиздан озгина ажратиб тўплаб қўяр эдик, шунга хурмо ва ёғ сотиб олиб тайёрладик, - дейишди.
-   Шундан ортиб қолгани сизларнинг кундалик озуқангизга кифоя қилдими? – сўради Али разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, кифоя қиляпти.
   Шундан сўнг Али каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг кундалик улушидан ўша миқдорда камайтириб қўйди. Уқайл эртаси куни одатига кўра улушини олгани борган эди Али разияллоҳу анҳу ўша миқдорни кам ўлчаб берди ва:
-   Сизларга ҳожатингиздан зиёда беришга ҳаққим йўқ. Мусулмонларнинг моли менинг ўз мулким эмаски, ўз ихтиёримча сарфласам, - деди.
   Уқайлнинг юзида ғазаб ифодаси пайдо бўлди. Ҳазрат Али темирни қиздириб, Уқайлнинг юзига яқинлаштирди. Уқайл қиздирилган темирнинг иссиқ ҳароратига чидай олмай дод-вой қила бошлади. Шунда ҳазрат Али айтди:
-   Темирнинг қизиғига шунчалик тоқат қила олмаяпсану, сизларга ҳожатингиздан ташқари улуш бериб, бизга жаҳаннам азоби бўлишини раво кўрмоқчимисан?!
Уқайл қаттиқ ғазабланиб ўшқирди:
-   Менга мевалар едириб, тилла берадиган инсоннинг олдига бораман! – деб, Муовия разияллоҳу анҳунинг олдига кетиб юборди. Унинг олдида бир қанча муддат турди. Муовия одамларга:
-   Уқайл ўз биродари қолиб, бизни ихтиёр қилибди. Биз унинг биродаридан яхшироқ эканмиз – деди.
Уқайлга бу гап етиб борди. У келиб Муовияга айтди:
-   Биродарим Али менинг охиратим учун сендан яхшироқ. Сен менинг дунёлигим учун яхшисан. Мен дунёлигимни устун қўйибман. Энди Аллоҳдан сўрайман, охиримни яхши қилсин!


Байтул молга топшир
   Бир куни ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу уйига келиб, хотинидан егулик сўради. Аёли озроқ ширинлик ҳозир қилди. Бу нарсалар қаердан келганини сўраган эди, аёли:
-   Кундалик озуқамиздан озроқ миқдорда ун, ёғ ва асалдан тежаб қолиб, жамғариб қўйган эдим. Кўпайиб қолган экан, шуларни тайёрладим, - деб жавоб берди.
-   Сен озуқамиздан тежаб қолган бўлсанг, кундалик егулигимиз камлик қилиб қолмадими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ.
-   Ундай бўлса бу бизга ортиқчалик қилар экан. Демак уни ейишга бизнинг ҳақимиз йўқ. Тур! Бориб байтул-молга уни топшириб кел!
Бу ҳақда ҳофиз Иброҳим байт битган экан:

   Халифа ўзи очдур, дунё оёқ остида,
   Зоҳидлик мақомидур, Тангри унинг дўсти-да!

   Бир кун унинг аёли ширинлик қилди ҳозир,
   Сўроқлади: “Бу қайдан бизларга келди, гапир?”
   
   Аёл деди: “Ҳар куни егуликлардан тежаб
   Жамғариб борган эдим, кўпайиб қолмиш, ажаб.

   Шулардан ҳолва қилдим, сарфлаб маҳоратим.
   Сиз севган таомларни тайёр қилиш одатим”.

   Умар деди: “Тежасанг камидими егулик?
   Уйимизда бўлдими очлик деган кўргулик?

   “Йўқ, ҳаммаси жойида” жавоб қайтарди аёл.
   Умар дер: “Ундай бўлса, сўзларимга қулоқ сол.

   Ўша ортиб қолгани эҳтиёждан ташқари,
   Уни олиб йўлга туш тезда байтул-мол сари”.

Адолат барчага баробар
Ислом тарихида адолатнинг улкан тимсоллари намоён бўлган. Шулардан бири қуйидаги ҳикоямизда ўз аксини топади.
Бир аёл қози Шурайк ибн Убайдуллоҳнинг олдига шикоят билан келди. Унинг айтишига кўра аёл бўстонини халифанинг амакиси, амир Мусо ибн Исога сотмаганани учунамир хизматчисига амр қилди боғининг ҳудудидини буздириб ташлаган эди.
Қози аёл билан ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун мажлисга амирни чақиртирди. Амир бу ишга ўзининг номидан вакил қилиб миршабларнинг бошлиғини жўнатди. Қози эса миршабларнинг бошлиғини қаматиб қўйди. Амир буни эшитиб, одамларини жўнатди. Улар келиб қозини айблай бошладилар. Шунда Шурайк:
-   Нима учун амир ҳукм мажлисида иштирок этишга беписандлик қилади? Ё қозилар ҳаммага ҳар хил ҳукм чиқаради деб ўйлаяптими? Адолат амир ва фуқаро учун баробар бўлади! Ҳукм ишига аралашганингиз учун сизларга ҳам жазо қўллашга тўғри келади! – деб уларни ҳам қамаб қўйди.
   Бу воқелардан хабардор бўлган амир отига миниб соқчилари билан қамоқхонага келди ва зўрлик қилиб, мазкур ҳибс қилинганларнинг ҳаммасини қамоқдан чиқартириб юборди. Шунда қози дарҳол Бағдодга – халифанинг олдига, қозилик вазифасидан озод қилишини сўраб сафарга отланди. Бориб халифага:
-   Аллоҳга қасамки, мен аббосийлардан қозиликни сўраб олган эмасман, мени мажбур шу лавозимга қўйишган! Балки ўзлари агар қози бўлсак, ҳар бир аҳкомда эркинлик билан адолатни қарор топтиришимизга ваъда беришган. Энди эса, модомики биз омонатни адо қилишликда шунчалик ожиз эканмиз, ҳукм чиқариш билан шуғуланишга бошқа йўл қолмади! – деди.
   Халифа унинг ишга қайтишини илтимос қилиб шундай деди:
-   Сен боравер. Кимларни ҳибс қилишга буюрган бўлсанг, қайтадан ҳибс қилишингга рухсат бераман.
Шундан сўнг амир ҳибсга олинишга ва ҳукм мажлисида шахсан ўзи айбдор сифатида қатнашишга мажбур бўлди. Қози Шурайк боғни аёлга қайтариб бериб, бузиб ташланган ҳудудни аввалгидек қилиб қайта тиклаб беришликка ҳукм қилди. Ҳукм ижро этилди.


Абу Ҳанифа қозиликни рад этди
Абу Жаъфар Мансур имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини қозилик вазифасига таклиф қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таклифни рад этиб:
-   Қозилик амир ва қўмондоннинг устидан ҳукм чиқаришга кучи етмайдиган кишига раво эмас. Менинг эса бунга кучим етмайди, - деди.
Абу Жаъфар узрни қабул қилгандай бўлди. Бироқ бир мунча вақт ўтгандан сўнг яна шу таклифни қилди ва албатта қозилик лавозимини қабул қилишлигига қасам ичди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса қабул қилмасликка қасам ичди.
-   Халифа қасам ичса, сиз ҳам қасам ичасизми? – дейишди.
-   Мўминларнинг амири қасамининг каффоратини тўлашга мендан кўра қодирроқ, - деди.
Халифа жазо қўлламоқчи бўлган эди, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ:
-   Аллоҳга қасамки, мен ризодан омонда бўлмасам, ғазабдан қандоқ омонда бўлай? Агар қозиликни қабул қилмасам мени Фуротга ғарқ қилишликка фармон қилсанг, Фуротга ғарқ бўлишликка рози бўлур эдим. Сенинг атрофингда илтифотингга муҳтож кишилар тўлиб-тошиб ётибди, бироқ улар унга лойиқ эмаслар! – деди.

Халифанинг таъминоти
Ҳазрат Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифаликни қабул қилганида эрта тонгда елкасига каттагина хуржунини осиб йўлга чиқди. Йўлда Умар разияллоҳу анҳуга дуч келди. У сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расулининг халифаси, йўл бўлсин?
-   Бозорга, - жавоб берди халифа.
-   Мусулмонларнинг ишларига жавобгар бўлиб қолган бўлсангиз бозорда нима қилурсиз?
-   Бола-чақамни қандай боқаман? Агар мен оиламнинг ҳақларини зоеъ қилсам, демак мусулмонларнинг ҳақларини зоеъ қилган бўламан.
   Умар разияллоҳу анҳу халифалик ишлари ва шаҳар ислоҳотига вақт ажратиш мақсадида унинг ўзи ва оиласининг озиқ-овқати масаласини кўриш учун масжидга боришни таклиф қилди. Масжидда Абу Бакр ва Умар байтул молнинг назоратчиси Абу Убайда ибн Жарроҳ ва бошқа кибор саҳобаларни (разияллоҳу анҳум ажмаъин) тўплаб маслаҳат қилишди. Натижада Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ўзига ва аҳлига кифоя қилгудек озиқ овқат билан таъминлашни жорий қилдилар.

Ҳаром луқма
   Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ғуломи бор эди. Бир куни у егулик олиб келди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўша таомдан бир луқма еди.
-   Кечаси билан мени сўрабсиз, нега сўраган эдингиз? – савол берди ғулом.
-   Очлик сабабидан сўраган эдим. Бу таомни қаердан олиб келдинг? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Мен жоҳилият даврида бир кишига фол очар эдим. Бироқ ўзим асли фолбин эмаслигимдан ва фол очишни яхши эплай олмаганлигимдан мен уни алдар эдим. Бугун ўша кишини кўриб қолган эдим, мана шу Сиз еяётган таомни берди.
   Шу заҳоти Абу Бакр разияллоҳу анҳу қўлини ҳалқумига тиқиб, еган луқмасини қайтариб чиқариб юборди. Бунинг боисини сўраган эди:
-   Аллоҳга қасамки, агар шу луқма жоним билан қўшилиб чиқса ҳам чиқармай қўймас эдим! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳаром ўсган тан дўзахга лойиқдир” деганларини эшитганман. Мен шу луқма билан танамга ҳаром аралашиб қолишидан қўрқдим, - деб жавоб берди.

Адолатли ҳукм
   Икки киши низолашиб қолиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Жаноб уларнинг орасида ҳукм қилдилар. Улардан бири бу ҳукмдан норози бўлиб:
-   Орамизда ҳукм қилгани Умарнинг олдига борамиз, - деди. Улар боришди ва наригиси айтди:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг фойдамга ҳукм қилган эди бу ҳукмдан норози бўлиб Сизинг ёнингга етаклаб келди, - деди. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Шундайми? – деб сўради.
-   Ҳа, - деди нариги киши. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Шу жойингизда туриб туринглар, мен ҳозир чиқаман, - деб қилич кўтариб чиқди. Ҳукмга норози бўлганга қилич солди. Омон қолгани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, Умар соҳибимни ўлдириб қўйди, - деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Мен Умар Мўмин кишини ўлдиради деб гумон қилмайман, - дедилар. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди:
فَلاَ وَرَبِّكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىَ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجاً مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسْلِيماً
   “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо. 65)
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтулнинг хунини бекор қилдилар ва Умар разияллоҳу анҳу айбсиз деб топилди.


Мени афзал кўрдинг
   Умар ибн Хаттоб халифалик даврида бир яҳудий Али разияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилиб келди. Умар разияллоҳу анҳу уларнинг орасида ҳукм қилиш асносида яҳудийга унинг исми билан хитоб қилди, ҳазрат Алига эса доимий одатига кўра “Эй Абу Ҳасан” деб куняси билан хитоб қилди. Шу пайт Али разияллоҳу анҳунинг чеҳрасида ғазаб аломати зоҳир бўлди.
-   Сенинг хусуматчинг яҳудий бўлганлиги, ҳукм ижро қилишда у билан баробар бўлишлик сенга ёқмаяптими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ,  лекин мен орамизда тенглик қилмаганингдан ғазабланяпман. Чунки сен унга исми билан хитоб қилдинг. Менга эса куням билан хитоб қилиб, мени ундан афзал кўрдинг.


Обрўли одамнинг ўғли
   Амр ибн Ос Мисрга волий бўлиб турган пайтида унинг ўғли Миср аҳолисидан бўлган бир кишини урди. Мисрлик мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга устингдан шикоят қиламан, деб қасам ичди. У эса:
-   Боравер, менга ҳеч нарса қилмайди. Мен обрўли одамнинг ўғлиман! – деди.
Ҳаж мавсуми бўлиб, Умар разияллоҳу анҳу ўз хослари билан бирга эди, жумладан Амр ибн Ос ва унинг ўғли ҳам бор эди, ҳалиги киши келиб Умар разияллоҳу анҳуга юзланди:
-   Эй мўминларнинг амири! Мана бу киши мени урди, - деб Амр ибн Оснинг ўғлини кўрсатди, - Устидан Сизга шикоят қилишимни айтсам, “Боравер, менга ҳеч нарса қилмайди. Мен обрўли одамнинг ўғлиман!” деди.
Умар ибн Хаттоб Амр ибн Осга қаради:
-   Қачондан буён оналаридан ҳур туғилган инсонларни қул қилиб оладиган бўлиб қолдиларингиз?!
Сўнг мисрликнинг қўлига дарра бериб:
-   Ур, обрўли одамнинг ўғлини, сени қандай қилиб урган бўлса! – деди.


Мазлумнинг дуоси
   Муовия ибн Абу Суфён халифалик даврида Мадина шаҳрининг ҳокими Марвон ибн Ҳакамга Увайснинг қизи Арво Аллоҳ таоло жаннат башоратини берган Саъид ибн Зайднинг устидан шикоят қилиб келди.
-   У менга зулм қилди. Мени рози қилсин, - деди. Марвон Саъид ибн Зайдни чақиртирди. У:
-   Сен мени зулм қилади деб ўйлайсанми? Ҳолбуки, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким зулм билан бир қарич ерни олса, Аллоҳ қиёмат кунида етти қават ердан гарданига қўйиб қўяди” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ! Агар у хотин ёлғон гапирган бўлса, токи кўзи кўр бўлмагунча ўлдирма! Қабрини қудуғида қилиб қўй! – деди.
   Кунлар ўтди. Ўша аёлнинг кўзи кўрмай қолди. Ҳовлисида айланиб юриб қудуғига тушиб кетди. Ўша қудуқ унга қабр бўлиб қолиб кетди.
   
   
Гўдакларга нафақа
   Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу одатига кўра раъиятнинг ҳолидан хабар олиш учун айланиб юрар экан, бир ҳовлининг рўпарасига келганида чақалоқнинг йиғиси унинг эътиборини тортиб, ўша жойда бир оз тўхтаб қолди. Бола уйқусираб йиғлаётган бўлса, энди тўхтаб қолар деб биро оз кутса-да, ҳадеганда тўхтамади. Охири одоб ила оҳисталик билан эшикни чертишга мажбур бўлди. Дарвозанинг қаноти очилгач илтифот ва шафқат билан савол берди:
-   Эй, чақалоқнинг онаси! Гўдакнинг йиғиси мени ташвишга солди. Мен сенга кўмак бермоқчиман.
-   Эй жаноб, мурувватингиз учун Сизга ташаккурлар бўлсин. Умар гўдакларга байтул молдан улар сутдан ажрамагунча нафақа тайин қилмаган. Шунинг учун ўта муҳтожлигимиз ва фақирлигимиздан сутдан чиқариш вақти келмаган бўлса ҳам, зарурат учун гўдагимни сутдан ажратдим, - жавоб берди аёл.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни эшитиб ўзини маломат қилиб, масжид томон юзланди. Тонггача масжидда қолиб, тасбиҳ ва истиғфорлар айтиб ўзини ўзи койиб чиқди: “Эй Умар, ҳолинга вой! Эй Умар, қанча-қанча мусулмонларнинг гўдакларини ҳалок қилдинг! Раббинг сени сўроқ қилса, ҳолинг не кечади?! Сен бу уммат олдида ҳақиқатни қарор топдирдингми, ҳолбуки уларнинг тадбирларига эгалик ва ишларига вакиллик сенинг гарданингда бўлса?! Байтул молдан шунча одамларга нафақа тайинлаб, эмизиклик гўдакларга тайинламаганинг учун нима деб жавоб берасан?!”
Шу ҳолда бир амаллаб тонг оттирди. Бомдод гамозида имомлик қилиб намозни адо қилиб бўлгач, кун ёғдуси тарқалмасдан бурун жарчиларнинг овозлари янграй бошлади:
-   Гўдакларингизни сутдан чиқаришга шошилманглар! Халифа ҳар бир туғилган чақалоққа туғилган кунидан бошлаб нафақа тайинлади!


Рибъий ибн Омир
Қодисия фатҳидан олдин Саъд ибн Абу Ваққос Рибъий ибн Омирни форс лашкарининг қўмондони Рустамга элчи қилиб юборди. Қўмондон дабдабали мажлисда олтиндан бўлган тахт устида ўтирган эди. Рибъий ибн Омир фақирона кийимда ва кўримсиз отда қалқон кўтариб кириб келди. Рустам болишига ўтирганча найзасига суяниб кутиб олди. Рибъий жамоат орасини ёриб ўтди.
-   Нима сабаб билан келдинг? – сўради Рустам. Рибъий жавоб берди:
-   Аллоҳ таоло бизларни Ўзи истаган кимсаларни бандаларига ибодат қилмасдан Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга, дунёнинг торлигидан кенглигига чиқариш ва ботил динларнинг зулмини парчалаб ташлаб Ислом адолатини тиклаш учун юборди!


Жабала ибн Айҳам
   Ғассоний подшоҳларнинг бири бўлган Жабала ибн Айҳам Ислом динини қабул қилганидан кейин Каъбани тавоф қилаётган эди, тавофчиларнинг бири беҳосдан унинг изорининг этагини босиб олди. Жабала унга ғазаб билан ўқрайиб қаради ва юзига тарсаки туширди. Тавоф қилаётган киши:
-   Сенинг устингдан мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга шикоят қиламан! – деди.
Бу гап тарқаб Умар разияллоҳу анҳугача етиб борди. Халифа уларни чақиртириб Жабаладан сўради:
-   Сен бу кишининг юзига тарсаки солганинг ростми?
-   Ҳа. Агар Аллоҳнинг байтида бўлмаганимда эди, қиличим билан бурнин кесган бўлур эдим! – жавоб берди Жабала.
-   Нега?
-   Чунки мен Байтни тавоф қилаётганимда у менинг изоримни босиб олди.
-   Иккита шартдан бирини танла – ё узр сўраб уни рози қиласан, ёки буюраман, у сенга тарсаки туширади?
Умар разияллоҳу анҳунинг ҳукмидан ғассоний подшоҳ даҳшатга тушди:
-   Сен қандай қилиб иккаламизни баробар кўряпсан, мен шоҳ у эса оддий авом бўлса?!
-   Ислом иккалаларингизни баробар қилган. Шоҳ билан авомнинг ўртасида фарқ йўқ! – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ундай бўлса менга фурсат бер, ўйлаб олай.
   Умар разияллоҳу анҳу унга уч кун муҳлат берди. Аммо у тунда мулозимлари билан бирга Рум ўлкасига қочиб кетди. Бироқ у кейинчалик бу қилмишидан надоматда қолди. Ҳатто пушаймон бўлганини ифода қилгувчи байтлар ҳам битган.

   Шапалоқдан ор қилиб шарафимни сақладим.
   Бироқ сабр айласам не зарари бор эди.

   Димоғдорлик, кеккайиш ўраб олиб кўзимни
   Қалбим кўзи кўр бўлди, тафаккурим тор эди.
   
   Кошкийди туғилмасам, бу дунёга келмасам!
   Умарга қулоқ солсам толеъ менга ёр эди.


Халқ дарди билан ҳамнафас
   Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида тўлиқ тўққиз ой давомида мутлақо ёғингарчилик бўлмаганлиги оқибатида Арабистон ярим оролида икки йил мусулмонлар учун оғир машаққат йиллари бўлди. Бу давр мобайнида хўлу-қуруқ, экин-тикин ва чорва ҳайвонлари ҳалок бўлди. Қанча-қанча яхши инсонлар оламдан ўтишиб кетди. Ердан гиёҳ унмай қолди. Ўт-ўлан қуриб кетди. Бу йиллар қурғоқчилик йиллари деб номланди.
   Умар разияллоҳу анҳу Ироқ ва Шом ўлкаларининг волийларига Арабистон ярим ороли аҳолисига ёрдам беришини сўраб чопарлар юборди. Фаластин волийси Амр ибн Осга мактуб жўнатди: “Ассалому алайка. Аммо баъд. Менинг ва менинг атрофимдаги мусулмонларнинг тинка-мадоримиз қуриди. Сен ва сенинг атрофингдагилар маишатдасиз. Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!”
   Шундан сўнг атроф шаҳарлардан кемаларда унлар, мойлар кела бошлади. Озиқ овқатни тарқатиш билан шахсан халифанинг ўзи шуғулланди. Ҳар ерларга назорат учун вакилларини жўнатди.
   Умар разияллоҳу анҳу токи одамларга омонлик етмагунча ҳаргиз гўштли ва ёғли нарса емасликка қасам ичган эди, токи Аллоҳ таоло осмондан ёмғир ёғдириб эл-юртга мўл-кўллик бўлгунча аҳдида собит турди. Мўминларнинг амри: “Токи халқнинг бошига тушган кўргуликни ўз танамда тотиб кўрмасам, раҳбарлигимда маъно бўлурми?” дер эди.


МЎМИНЛАРНИНГ АМИРИ
   Умар разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг ҳолларини билиш учун кечаси айланиб юрар экан, кийгиздан қилинган қора уй олдидан ўтиб қолди. Яқинроқ борган эди ичкаридан аёл кишининг инграган овози эшитилди. Бир эркак безовта бўлиб ўтирибди. Ундан нима гаплигини сўради.
-   Хотиним тўлғоқ тутиб ётибди, - жавоб берди киши.
-   Ёнида бирор кимса борми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ҳеч ким йўқ, - жавоб берди киши.
   Умар разияллоҳу анҳу уйига бориб хотини – Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг қизи Умму Гулсумдан:
-   Аллоҳ учун савоб иш қилурмисан? – деб сўради.
-   Нима иш экан?
-   Бир аёл тўлғоқ тутиб ётибди. Ёнида ҳеч ким йўқ экан.
-   Майли, Сиз шуни хоҳласангиз.
-   Ўзинг билан керакли нарсаларни ол. Менга қозон билан мой ва арпа уни олиб кел.
Умму Гулсум разияллоҳу анҳо барча айтилган нарсаларни ҳозирлади. Халифа ўзи қозонни кўтариб йўлга тушишди. Етиб борганларидан сўнг Умму Гулум ичкарига кириб кетди. Ҳазрат Умар хонадон соҳибидан олов сўради. Соҳиб олиб келди. Умар разияллоҳу анҳу ўзи оловни пуфлаб туташтирди. Ҳатто соқолига олов таъсир қилди. Ниҳоят онанинг кўзи ёриб, чақалоқ туғилди. Умму Гулсум ичкаридан бош чиқариб хабар берди:
-   Эй мўминларнинг амири, отасига хушхабар бераверинг, ўғил туғилди!
“Мўминларнинг амири” деган хитобни эшитиб хонадон соҳиби хижолатда ташвишга тушиб қолди:
-   Вой шармандалик! Сиз халифа Умар эдингизми? Шундай ҳам қиласизми?
-   Эй араб биродарим! Кимки мусулмонларнинг ишларида бошчилик қилар экан, халойиқнинг каттаю-кичик ишларида кўмалашиши зарур. Чунки у шунга масъулдир. Кимки ғафлат бўлса, дунё ва охиратда хусронда қолгай! – деди Умар разияллоҳу анҳу.


МИСР ОМИЛИ
Умар разияллоҳу анҳу масжидди ўтирган эди бир киши келиб:
-   Эй Умар, дўзах азобидан шўринг қуриди! – деб ўтиб кетди.
Умар разияллоҳу анҳу уни чақиртирди ва нега бундай деганининг сабабини сўради.
-   Закот йиғувчи омилларингни жўнатиб, шартнома қиласан, лекин назорат қилмайсин. Сенда шартномага вафо қилиш борми, ўзи?!
-   Нима демоқчисан? – сўради мўминларнинг амири.
-   Мисрга омил жўнатиб шартнома қилгансан. У эса сен буюрганингни қилмай, буюрмаганингни қиляпти.
   Халифа ҳақиқатни суриштириш учун ансорлардан икки кишини юборди. Улар бориб суриштиришган эди, айтилган сўз ҳақ экани аниқланди. Уни тутиб Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига олиб келишди. Омил кириб салом берди.
-   Сен кимсан? – сўради халифа. Чунки у қорачадан келган эди, Мисрнинг соя-салқинида анчагина оқариб қолган экан.
-   Мен Мисрнинг омили фалончиман.
-   Шўринг қурғур, сен мен ман қилган ишларни қилиб, буюрган ишларимни қилмадингми?! Аллоҳга қасамки, мен сенинг адабингни бериб жазолайман! – сўнг ходимларга юзланди: - Менга жундан тўқилган кийим, таёқ ва садақага йиғилган қўйдан уч юз бошини келтиринг! Бана бу пўстинни кий! Мен отангни кўрганман, бу пўстин, ҳар ҳолда унинг пўстинидан тузукроқ. Мана бу таёқни ол, у ҳам отангни таёғидан кўра дурустроқ. Манави қўйларни етаклаб фалон жойга бориб, шундай жазирама кунларда уларни боқ! Йўловчиларга сутларидан бер!
У энди кетишга шайланган эди, қайтариб сўради:
-   Мен сенга нима деганимни англадингми?
Омил ерга ётиб ёлборди:
-   Эй мўминларнинг амири! Хоҳласангиз бошимни олинг, бироқ бу менинг қўлимдан келмайди...
-   Агар сени яна қайтариб ўз ишингга жўнатсам қандай хизмат қиласан?
-   Аллоҳга қасамки, бундан кейин Сизга фақат Сизни хурсанд қилгувчи харгина келур!
   Умар разияллоҳу анҳу уни ўз ишига қайтарди. У ҳам ваъдасига содиқ қолиб, яхши инсон бўлди.


ЯМАН ҲОКИМИ БОЗОННИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ
   Кисро ўзининг Ямандаги ҳокими Бозонга хат ёзди: “Менга етган хабарларга кўра Маккадан бир  қурайший киши чиқиб пайғамбарлик даъвосини қилаётган эмаш. Тезда ўша жойга бор. Унга тавба қилишни буюр! Тавба қилса қилди, бўлмаса менга унинг бошини келтир!”
   Бозон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мазкур хатни жўнатди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавоб юбордилар: “Менга Аллоҳ Кисронинг фалон ойнинг фалон кунида қатл қилинишини ваъда қилди”.
   Жавоб хати етиб келгач Бозон хатни ўқиб, унга қараб туриб қолди. Сўнг:
-   У ҳақиқатан пайғамбар бўлса, ҳадемай унинг айтгани бўлур.
Дарҳақиқат Кисро ўша айтилган кунда қатл қилинди. Бу хабарни эшитиб Бозон Исломнин қабул қилди. У билан бирга бўлган форсийлар ҳам мусулмон бўлишди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўрашди:
-   Биз энди кимларданмиз, эй Аллоҳнинг расули?
-   Сизлар бизлардандурсизлар! Сизлар бизларга аҳли байтсизлар, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Тангри бир, ота бир, дин бир!
Ривоят қилишларича Қайс ибн Мутотия Салфон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабашийлар ўтирган ҳалқага келиб:
-   Бу Авс билан Ҳазраж анови кишига (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб айтган) ёрдам бериб турибди. Аммо мановиларга нима бор? Булар форс, рум, ҳабаш бўлишса?!
Қайс бу билан пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам араблардан бўлганлиги учун, бир қавмдан эканлиги эътиборидан Авс  билан Ҳазраж ёрдам бериб турибди. Аммо форс, рум ва ҳабашийларнинг ёрдам беришидан муддаолари нима экан дер эди.
Муоз ибн Жабал гартта ўрнидан туриб унинг ёқасидан ушлаб пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига етаклаб олиб борди ва унинг сўзларини етказди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб кетдилар. Сўнг ридосидан судраб масжидга олиб бодилар. Одамларни намозга чорладилар. Одамлар тўплангача шундай дедилар:
-   Эй инсонлар! Тангри бирдур! Ота бирдур! Дин бирдур! Араб бу сизлардан бирортангизнингга ота ёки она эмас, балки у бир тилдур. Бас шундай экан, кимки араб араб тилида гаплашса, у арабдур!
Муоз разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу мунофиқни нима қилишга бурасиз? – деб сўради.
-   Уни то дўзахга тушгунча қўявер, - дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Алал-оқибат Қайс муртад бўлиб қатл қилинганлардан бўлди.


“Гуноҳимга каффорат”
   Бир куни саҳобаларнинг энг яхшилари ва тақводорроғларидан бири Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўзининг занжий қули билан айтишиб қолиб жаҳл устида:
-   Эй қора танлининг боласи! – деб юборди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб кетдилар.
-   Оқнинг боласининг қоранинг боласидан тақво ва яхши амалдан бошқада афзаллиги йўқ! – дедилар.
Абу Зар дарҳол ўрнидан турди-да, юзини ерга қўйиб қулига:
-   Юзимни, бос! Токи қилган гуноҳимга каффорат бўлсин! – деди.


Айб ахтарма!
Сулаймон ибн Абдулмаликнинг ҳузурига бир киши келиб:
-   Эй мўминларнинг амири, бир маслаҳатли иш бор, - деди.
-   Қандай маслаҳат экан? – сўради Сулаймон.
-   Фалончи Зайдга, Валидга ва Абдулмаликка закот йиғувчи омил бўлган. Улар вакил қилган ишларда хиёнат қилиб, бир қанча мол-мулкни ўзлаштириб олган. Уни ишдан бўшатишга буюринг.
-   Мен унинг ишлари ва зоҳиридан билишимча сен ундан кўра ёмонроқ ва фирибгарроқсан! Маслаҳатчиларга нисбатан нафрат бўлиб қолишидан қўрқмаганимда эди, сени жазолаган бўлур эдим! Учта шарт қўяман, хоҳлаганингни танла!
-   Майли, айтинг, эй мўминларнинг амири!
-   Хоҳласанг сен айтганларингни тафтиш қиламан, сўларинг рост бўлса, сендан нафратланамиз, ёлғон бўлса сени жазолаймиз. Хоҳласанг сени авф қиламиз.
-   Авф қила қолинг, эй мўминларнинг амири.
-   Хўп, шундай қиламан. Энди бундан кейин Аллоҳ беркитиб, парда тортиб қўйган мурувват аҳлини ковлаштирма!


Омонатга хиёнат қилган киши
Бир киши молини сақлаб туриш учун бошқа бир кишига илтимос қилди. Вақти келиб омонатни сўради. У эса олганини мутлақо инкор қилди. Улар низони ҳал қилиш учун қози Иёс ибн Муовиянинг ҳузурига боришди.
-   Мен унга омонатини фалон жойда берганман, - деди даъво қилгувчи. Қози сўради:
-   Ўша жойда нима бор эди?
-   Дарахт.
-   Ундай бўлса ўша жойга бор. Ана шу дарахтга назар сол. Ажаб эмаски, Аллоҳ таоло сенинг талаб қилаётган ҳаққинггни эсингга солса. Балки сен ўша дарахтнинг остига кўмиб, ёдингдан кўтарилиб қолган бўлса  ўша дарахтни кўрганингда эсингга келиб қолар, – сўнг омонатни олганга айтди: - У киши келгунча сен шу ерда кутиб тур.
   Улар кутиб ўтиришди. Бир соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин сўради:
-   Нима деб ўйлайсан, ўша дарахтинг ёнига етиб бордимикин?
-   Йўқ, ҳали етиб боргани йўқ, - жавоб берди омонатни олган киши қозининг тадбирини билмасдан. Шунда Иёс айтди:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Сен хоинсан!
-   Мени кечирининг, Сизни ҳам Аллоҳ хатоларингизни авф қилсин! – омонат олган киши хиёнатига иқрор бўлиб ёлборишга тушди. Иёс уни даъвогар келгунича ушлаб туришга буюрди. Ниҳоят у келгач:
-   Омонатингни оладиган бўлдинг. У олганига иқрор бўлди, - дейишди.


Адолатга бизлар муносибмиз
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига Миср қибтийларидан бир аёл Миср волийси Амр ибн Осдан шикоят қилиб келди. Аёлнинг уйи кейинчалик “Амр ибн Ос масжиди” номи билан машҳур бўлган масжидга қўшни эди. Унинг ҳовлисининг бир қисмини масжид ихтиёрига олиб қўйганлигни айтди. Ҳазрат Умар ёнида турган сополга ушбу мазмунда мактуб ёзиб Амр ибн Осга юборди: “Биз Кисро Анушервондан кўра адолат қилишга муносиброқмиз”.
Бундан халифанинг мақсади Анушервон бино қургандаги адолатини эслатиш эди. Анушервон ўз даврида қаср қурмоқчи бўлган. Қасрнинг тўрт бурчакли шаклда чиқишига бир аёлнинг ҳовлиси халақит берган. Аёлдан ҳовлини сотишини илтимос қилишган, бироқ у таклифни рад этиб:
-   Мен подшоҳга қўшни ҳовлини олтин баробарига ҳам сотмайман. Агар мендан ғазабланса, нима чора кўрса ихтиёр ўзида.
-   Майли, ҳовлиси ўзида қолаверсин. Қурилишни давом эттираверинглар, - деди Анушервон. Натижада қасрнинг кўриниши қинғир бўлиб қолди. Буни кўрганлар бино бу билан кўркам чиқмас экан, дейишди. Анушервон эса уларга жавобан:
-   Ана шу кинғирлиги билан яна-да чиройли бўлади, - деган экан.
Бу аёлга ҳам шундай муомала қилиш тавсия қилинган эди. Аёл Мисрга келиб Амр ибн Осга салом берди. Халифанинг ҳурматини бажо қилиб мактубни боши узра кўтариб, тақдим этди. Масжид учун олинган ер қайтариб берилди. Натижада масжид биноси нотекис чиқди ва анча пайтгача ўша ҳолатда қолган. Фақат кейинчалик, анча даврлардан сўнггина муроса йўли ила бино тўғриланган.


Қози ва фаришталар
Бир мусулмон ва яҳудий низолашиб қолиб Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Ҳазрат Умар ишни кўриб чиқиб, яҳудийнинг фойдасига ҳал қилди.
-   Аллоҳга қасамки, тўғри ҳукм қилдинг, - деди яҳудий.
-   Бу билан нима демоқчисан? - сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Аллоҳга қасамки, бизлар Тавротда кўрганмиз, қачонки қози ҳақлик билан ҳукм қилса ва шу ҳақ йўлида бардавом бўлиб турса, унинг ўнг тарафида бир фаришта, чап тарафида бир фаришта уни ҳақлик ила ҳукм чиқаришга тўғрилаб, муваффақ айлаб туради. Агар ҳақ ҳукмни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб кўтарилиб кетадилар.


Умарга ён босма!
   Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб Убай ибн Каъб билан низолашиб қолдилар. Улар ўртада ҳукм чиқариш учун Умар разияллоҳу анҳунинг Мадинаи мунавварадаги қозиси Зайд ибн Собитнинг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:
-   Ассалому алайка, эй мўминларнинг амири, - деб ҳазрат Умарга салом берди. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу билан ўрталарида ҳукм чиқариш учун Умар разияллоҳу анҳуга юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтиргизди-да, яна халифага юзланиб илтифот қилди:
-   Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз..
Шунда халифанинг ғазаби қўзиб кетиб қозига:
-   Қачондан бери бунчалик ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Ассалому алайка, эй мўминларнинг амири”, “Эй мўминларнинг амри, мана бу жойга ўтиринг”, “Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз” дейсан!


Мен ҳам бир инсонман
   Икки киши бир пайтлардаги мерос масаласида тортишиб қолиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг ораларида ҳукм қилиш учун аниқ далил ва ҳужжатлар етарли эмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга айтдилар:
-   Сизлар хусуматлашиб менга келибсиз. Мен ҳам бир инсонман. Эҳтимол бирингиз ҳужжатда бирингиздан фасоҳатлироқдур. Мен эса эшитганим бўйича ҳукм қиламан. Кимгаки биродарининг ҳақидан бирор нарсани ҳукм қилиб қўйсам, уни олмасин, чунки мен унга қиёмат кунида бўйнига /астом/ бўлиб келгувчи дўзах оловидан бир парчани бўлиб қўйган бўламан.
Бу сўзларни эшитиб иккаласи ҳам йиғлашди. Иккаласи ҳам:
-   Менинг ҳақим унга бўлақолсин, - дер эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этдилар:
-   Аммо шундай десаларингиз, боринглар, тақсимот қилинглар. Сўнг ҳақликни мақсад қилиб қуръа ташланглар. Қисм-қисм қилиб иккига тақсимланг. Ана ундан кейин ҳар бирингиз соҳибингизнинг ҳаққини ҳалол қилинг.


Фарқлашни ёқтирмайман
Ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда чоғида қўй пиширишни буюрдилар. Саҳобалардан бири:
-   Эй Аллоҳнинг расули, қўйни мен сўяман, - деди. Қолгалари ҳам бирин-кетин илтифот қила бошладилар:
-   Мен терисини шиламан!
-   Мен пишираман!
-   Мен олов қалайман!
-   Биз барча хизматга кифоя қиламиз!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга марҳамат қилдилар:
-   Билдимки, сизлар менга кифоя қилар экансизлар. Лекин мен сизларни бир-бирларингиздан фарқлашни ёқтирмайман. Дарҳақиқат, бандаси асҳобларини бир-биридан фарқлашини Аллоҳ ҳам ёқтирмайди.


Умарнинг ўғлига қилган адолати
Умар ибн Хаттобнинг ўғли Абдураҳмон билан Абу Саръата Миср волийси Амр ибн Оснинг олдига шикаста ҳолатда кириб келдилар.
-   Биз ўтган кеча гуноҳ иш қилиб қўйдик. Бизларга Аллоҳ тайинлаган жазони қўллашингизни сўраймиз, - дейишди.
Миср волийси уларни койиб, ҳузуридан ҳайдай бошлаган эди, Абдураҳмон унга қаршилик қилиб:
-   Агар жазони қўлламасангиз, отамни олдига борганимда айтиб қўяман! – деди.
   Амр ибн Ос билдики, уларга жазо қўлламаганини билиб қолса халифа Умар разияллоҳу анҳу ғазаб қилиб, уни вазифасидан четлатиб юборади. Улар шу ҳолатда турганларида Умар ибн Хаттобнинг яна бир ўғли Абдуллоҳ келиб қолди. Амр ибн Ос унга пешвоз чиқиб, ушбу мажлисга таклиф қилди. Абдуллоҳ таклифни рад этиб, узрини изҳор қилди:
-   Отам киришдан бошқа чорам қолмагунча сизнинг ҳузурингизга киришимни ман қилган. Биродарим Абдураҳмонни қандай ҳолатда уришлигингиз ўз ихтиёрингизда, лекин сочини одамларнинг рўпарасида жазо учун сочини қириб юборишингиз тўғри келмайди.
   Ибн Ос уларни ҳовлининг саҳнига чиқариб дарра урдирди. Абдуллоҳ ибн Умар уларни уйнинг ичига олиб кириб сочини қирдирди.
   Амр ибн Ос айтади: “Аллоҳга қасамки, мен бу ҳақда халифага ҳеч қандай мактуб юбормаган эдим, лекин орадан ҳеч қанча ўтмай менга ундан мактуб келди. Унда шундай дейилган эди: “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим. Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амиридан Оснинг осий - гуноҳкор ўғлига. Эй Оснинг ўғли, мен сендан ва менга берган аҳдингга хилоф қилганингдан таажжубда қолдим. Сени вазифангдан озид қилишимга тўғри келади. Менинг ўғлим Абдураҳмонни уйингда уриб, сочини қирдирибсан. Ҳолбуки, бу иш менинг амримга хилоф эканлигини сен яхши билар эдинг. У сенинг қўл остингдаги бир инсон эди. Бошқа мусумонларга қўллаган чорани унга қўлламадинг. Сен уни мўминларнинг амирининг ўғли дегансан-да?! Сен яна яхши билурсанки, менинг ишимда, Аллоҳ жазони вожиб қилган кимсаларнинг ҳеч бирига кўнгилчанлик қилишга йўл қўйилмагай! Маенин мактубим сенга етиб бориши биланоқ унга або (жундан тўқилган, пўстинга ўхшаш чопон сифат иссиқ кийим) кийдириб, туяга жойлаб ҳузуримга юбор, токи қандай ёмон иш қилиб қўйганини билиб қўйсин!”
   Амр ибн Ос хатни олгач, Абдураҳмонга уни ўқиб берди ва халифа айтганидек, або кийдириб йўлга солди. Ҳазрат Умарга ўзининг узрини билдириб, Абдураҳмонни уйнинг ичида эмас, балки ҳовлининг саҳнида дарра урдирганини айтиб хат ёзди. Хатда Аллоҳ номига қасам ичиб, бошқа мусулмонларни ҳам, зиммийларни ҳам айнан ўша жойда, ҳовлисининг саҳнида жазо қўллашлигини қўшиб қўйди. Хатни Абдуллоҳдан бериб юборди.
   Мадинага етиб келганларида Абдураҳмон абода юришга қийналиб, зўрға-зўрға қадам босиб оатсининг олдига кирди.
-   Ҳой, Абдураҳмон! Шундай ишларни қилдингми?! – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
Шу жойда ҳозир бўлган Абдураҳмон ибн Авф ўртага тушди:
-   Эй, мўминларниг амири, унга бир бора жазо қўлланилиб бўпти.
   Халифа унинг сўзларини инобатга олмади, балки унга ҳам қаттиқроқ сўзлар айтди. Сўнг Абдураҳмонга бақирди:
-   Сен мени касал қилдинг! Сен мени ўлдирасан!
Кейин уни урди ва қамаб қўйди.


Яҳудий Исломга кирди
Бир яҳудий ҳазрат Али разияллоҳу анҳу билан низолашиб қози Шурайҳнинг олдига келди. Яҳудий Али разияллоҳу анҳуга совут олган, лекин ўзимники деб даъво қилар, аммо ўзини ўзи алдаётганини ҳам билар эди. Ҳукм чиқариш мажлисида қози Али разияллоҳу анҳу билан яҳудийни бир хил мақомда жойлаштирди. Шунингдек, Али разияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳасан разияллоҳу анҳунинг гувоҳлигига қулоқ солмади. Бу одилона муносабатдан яҳудий англадики, қози ҳазрат Алига мўминларнинг амири бўлса ҳам тарафкашлик қилмас экан.
Дарҳақиқат, яҳудийнинг қасамини инобатга олиб, совутни унинг фойдасига ҳукм қилди. Бундай исломий адолатдан таажубланиб кетган яҳудий ўзини тута олмай ҳаяжонланиб кетди. Шу лаҳзанинг ўзида мусулмонларга бўлган адовати сўнди. Хурсанд ва шодон бўлиб мусулмон бўлганини эълон қилди. Совутни эгасига – Али разияллоҳу анҳуга қайтариб берди.


Даъво учун далил керак
Халифа Мўътазид қози Шурайкка хат юборди: “Фалончидан менинг мол-мулким бор эди. Менга етиб келган хабарларга кўра ўша мулкни унинг қарзлари эвазига ҳақдорларнинг далилларига кўра уларга тақсим қилиб берибсан. Уни жойига қайтариб қўй”.
Қози халифанинг вакилига айтди:
-   Мўминларнинг амирига айт, Аллоҳ унинг салтанати узун қилсин. Ва эслатиб қўйгинки, у мени қози қилиб тайинлаган чоғида, кўрилгуси ишларнинг ҳукмини ўз зиммасидан соқит қилиб, менинг гарданимга топшириб қўйган. Шундай экан, энди мен бир даъвогарнинг молига ҳеч қандай далилсиз ҳукм чиқариб беришим жоиз эмас.
   Вакил қайтиб халифанинг олдига бориб, қозининг сўзларини етказди. Халифа уни яна қайта жўнатар экан унга тайинлади:
-   Сен қози Шурайкка айт, иккита гувоҳим бор.
   Номи келган гувоҳлар акобирлардан эди. Вакил қозига халифанинг сўзларини етказган эди қози унга жавобан:
-   Хўп, ўша гувоҳлар менинг олдимга келиб гувоҳлик беришсин. Гувоҳликлари исботланса, уларнинг гувоҳликларини қабул қиламан. Йўқса, ҳукмни ўзгартирмаслигимга тўғри келади, - деди.
Гувоҳлар қозининг ҳузурига келиб гувоҳлик бершдан бош тортишди. Натижада,  қози халифанинг фойдасига ҳеч нарсани ҳукм қилмади.


Инсоф
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб эшикма-эшик садақа сўраб юрган қари чолни кўриб қолди. Билдики, у яҳудий экан. Ундан сўради:
-   Сени бу ишга нима мажбур қилди?
-   Муҳтожлик мажбур қилди. Ўзим кекса бўлсам, жизя ҳам тўласам... – жавоб берди қария.
Умар разияллоҳу анҳу унинг қўлидан тутиб уйига олиб борди. Ҳожатига яраша озроқ нарса берди. Сўнг хазинабоннинг олдига олиб бориб, тайинлади:
-   Бунга ва бунга ўхшаганларга қараб қўй. Аллоҳга қасамки, унинг ёшлигини адо қилсагу, қариганида яна ҳор қилсак инсофдан эмас. Шубҳасизки, садақалар фақирлар ва мискинларгадур. Фақирлар – мусулмонлар, бу эса Китоб аҳлларининг мискинларидандур.
   Сўнг бу яҳудий чол ва унга ўхшаганлардан жизяни бекор қилди. Уларга ҳам мусулмонларнинг садақаларидан бериб туришга фармон қилди.


Ҳорун ар-Рашиднинг қасами
   Қози Абу Юсуфнинг олдига бир насроний халифа Ҳорун ар-Рашиднинг зулмидан шикоят қилиб келди. Айтишига қараганда халифа унинг ерини ғасб қилиб олган экан. Абу Юсуф сўради:
-   Сен айтаётган ер кимнинг қўлида?
-   Мўминларнинг амирининг қўлида, - жавоб берди насроний.
-   Унинг меваларини ким сотади? – масалага ойдинлик иритиш учун сўради яна.
-   Мўминларнинг амири.
-   Ҳосилни ким йиғиб олади?
-   Мўминларнинг амири.
   Абу Юсуф айтади: “Шу аснода бир қанча саволлар бериб, мўминларнинг амиридан бошқа бирор хусуматчи одамнинг номини айтиши учун ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам, у гапни мўминларнинг амирига олиб келиб тақайверди.
   Ҳукм мажлисига қадар одамлардан сўраб насронийнинг ишини ўргандим. Кейин уни ҳукм мажлисига чақирдим. У киргач, бўлган ишлар баёнини мўминларнинг амирига ўқиб берсам:
-   У жой ўзи бизга тегишли. Биз уни Мансурдан мерос қилиб олганмиз.
Насронийга юзландим:
-   Эшитдингми?
-   Сенинг даъвойингга далилинг борми? – сўради насроний Ҳорун ар-Рашиддан.
-   Йўқ. Лекин хоҳласанг қасам ичаман,- жавоб берди халифа.
-   Эй мўминларнинг амири, нима, қасам ичасизми? – сўрадим. Халифа:
-   Ҳа, - деб қасам ичди. Шундан сўнггина насроний қайтиб кетди.
Мен ўз нафсимга шунда анча қўрқдим”
-   Нимадан қўрқдинг, вазифангни бажарибсан-ку? – сўради Ҳасан.
-   Мен халифани мажлисга келтира олармикинман, деб қўрқдим, - жавоб берди Абу юсуф.


Миср волийсининг бойлиги
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуни Мисрга волий қилиб тайинлаганидан кейин унга катта миқдорда мол етишганининг хабари келиб қолди. Шунда хат жўнатди:
   “Аммо баъд, менга маълум бўлишича сен Мисрга волий бўлишингдан илгари сен эга бўлмаган миқдордаги давлатга эга бўлибсан. Хўш, у нарса сенга қаердан келди? Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг молига хиёнат бўлиб қолишида Аллоҳнинг Зотидан қўрқмасам эди, ........
   Ҳолбуки менинг ҳузуримда аввалги муҳожирларнинг сендан кўра яхшироқлари бор эди. Шундай бўлса-да, мен сени тайинлаган эдим. Шунча давлат сенга қаердан келгани ҳақида менга тезда хат ёзиб юбор!”
   Амр ибн Ос жавоб ёзди:
   “Аммо баъд. Мўминларнинг амири нима демоқчи эканини тушундим. Бизга етишган мол-давлатга келсак, биз бозорларининг нархлари арзон шаҳарларга бордик. Ғазотларда бўлдик. Жамғарган молларимиз мўминларнинг амири хабардор бўлган маблағларнинг эвазига бўлган. Аллоҳга қасамки, агар Сизга хиёнат қилишим ҳалол бўлганида ҳам асло хиёнат қилмаган бўлур эдим. Чунки Сиз менга ишонгансиз. Биз ҳисоб-китобларимиз тўғри юргиздик ва натижада шунча бойликка етишдик. Шандай экан, эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, мен Сизнинг эшигингизни қоқмаган ва қулфни очмаган бўлур эдим”.
   Умар разияллоҳу анҳу яна хат жўнатди:
   “Аммо баъд. Сизлар мол-дунёнинг булоғида ўтирган амирсизлар. Узр сўрашаг овора бўлманглар. Сизлар олов егайсиз! Мен сизларга Муҳаммад ибн Масламани  юборяпман. Унга молингнинг ярмини бўлиб бер”.
   Муҳаммад ибн Маслама Мисрга борди. Амр ибн Ос уни кутиб олди. Олдига таом қўйди. Ибн Маслама овқатни емади.
-   Бу таомларнинг ёмонидур. Агар меҳмонларнинг таомини қўйсанг эди, ер эдим. Таомингни йиғиштир. Менга молингни келтир! – деди.
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу унга мол-мулкини келтирди. Муҳаммад ибн Маслама ярмини олди. Амр ибн Ос унинг бунчалик молни олганини кўриб:
-   Қандай кунларга қолдим-а! Мен энди умарнинг закот йиғиб бергувчи омили бўлиб қолдимми?! – деб ғудраниб қўйди.

Ҳазрат Умарнинг фаросати
   Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига йўлнинг четида ўлиб ётган бир кўса йигитни олиб келишди. Халифа ҳарчанд суриштирса ҳам ўлим тафсилотларини топа олмади. Бундан анча хуноб бўлди.
   Орадан бир йил ўтгач, яна ўша жойдан бир ёш болани топиб олди ва ўзича: “Иншо-Аллоҳ, энди у ишнинг тагига етадиган бўлдим” деди. Болани бир аёлга бериб тайинлади:
-   Бу болага қараб тур. Биз сенга унинг нафақасини берамиз. Бу болани сендан бирорта аёл келиб олиб кетгунча кутиб тур. Қачон бирор аёл келиб уни ўзига олиб, бағрига босса бизни хабардор қиласан.
   Аёл гўдакни ўз тарбиясига олди. Бола бир оз улғайгач, бир жория келиб асраб олган аёлга:
-   Мени ҳожам жўнатди. Болани берар экансиз. Ҳожам бир кўриб олганидан сўнг яна ўзингизга қайтариб олиб келаман, - деди. Аёл:
-   Майли. Фақат мен ҳам сен билан бирга бораман, - деб болани олиб жория билан бирга унинг ҳожасининг уйига борди.
Ҳожа болани олиб ўпди, бағрига босди. Қараса, бу ҳожа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансор саҳобаларидан бўлган бир кекса кишининг қизи экан. Бориб Умар разияллоҳу анҳуга унинг хабарини берди. Халифа дарҳол қиличини тақиб ўша аёлнинг уйига борди. Қараса аёлнинг отаси ҳовлисининг дарвозасига суяниб турган экан.
-   Ҳой фалончи! Қизингни нима қилдинг? – сўради чолдан.
-   Аллоҳ хайрини берсин, эй мўминларнинг амири, қизим одамларнинг орасида Аллоҳнинг ҳақини ва ота-она ҳақини адо этгувчилардандур. Намозларни ўқийди ва рўзаларни тутади. Динида собитқадам, - жавоб берди ота.
-   Хўп десанг, олдига кирсам. Яхшиликларига рағбатимни зиёда қилай.
Қизнинг олдига киришди. Умар разияллоҳу анҳу чолни чиқариб юборди. Уйда қиз билан ўзи ёлғиз қолди. Қиличини хинидан суғуриб:
-   Менга рост сўзни гапир! – деди.
-   Аллоҳга қасамки, албатта рост гапираман. Менинг олдимга бир кампир келиб турар эди. Мен уни онамдек кўрар эдим, ўзим ҳам унга қиз тутинган эдим. Бир куни кампир: “Эй қизгинам, мен сафарга чиқмоқчиман. Менинг бир қизим бор. Ўзини ёлғиз ташлаб кетгани қўрқаман. Сафардан қайтгунимча сен билан бирга бўлиб турсин” деб қолди. У шундай деб ўспирин ёшдаги қиз бола сифатли ўғлини олиб келди. Мен ҳатто уни кўрганимда қиз болалигига шубҳа ҳам қилмадим. Шундай қилиб у билан ҳудди қиз бола билан бўлгандек муомалада бўлдим. Охири ухлаб ётганимда  мени ғафлатда қолдириб, муродини ҳосил қилди. Қўлимга ҳанжар кириб қолган эди, уни ўлдириб қўйдим. Сўнг унинг мурдасини ўша ўзингиз кўрган жойга ташлатиб қўйдим. Ундан ҳомиладор бўлиб қолган эдим. Бола туғилгач, уни ҳам ўша отасини ташлаган жойимга ташлаб келдим, - деб қиз бор гапни айтиб берди.
-   Тўғри айтдинг! – деди Умар разияллоҳу анҳу. Кейин унга бир қанча насиҳатлар қилди, ҳақига дуолар қилди. Отасининг олдига чиқиб: - Қизинг ҳақиқатан ҳам жуда яхши қиз экан, - деб қўйди.


Сен уни унутмагансан
Кунларнинг бирида Умар разияллоҳу анҳу Мадинанинг бозорндан ўтиб борар эди. Қараса Аёс ибн Суламий тор йўлакни тўсиб ўтирган экан. Уни қўлидаги қамчи билан туртиб:
-   Йўлни бўшат, ҳой Суламий! – деди.
Орадан бир йил ўтди. Умар разияллоҳу анҳу Аёс ибн Суламийни яна ўша бозорда учратиб қолди.
-   Бу йил ҳаж қилмоқчимисан? – сўради Суламийдан.
-   Ҳа, эй мўминларнинг амири, - жавоб берди.
   Халифа унинг қўлидан тутиб уйига етаклаб олиб борди. Уйидан олти юз дирҳам олиб чиқиб унга берди.
-   Буни ол, эй Суламий. Ҳожатларингга ишлатарсан. Билиб қўй, бу ўтган йили сени қамчим билан туртганим учун.
-   Эй мўминларнинг амири, агар ўзингиз эслатмаганингизда менинг хаёлимдан чиқиб кетган экан, - деди Суламий.
-   Аллоҳга қасамки, сен уни унутмагансан! – деб қўйди Умар разияллоҳу анҳу.

Розилигинг ҳикмат, ғазабинг иззатдур
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб турган эдилар, бир мусулмон киши мунофиқнинг ёнидан ўтиб қолди. Мунофиққа:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган бўлсалар, сен ўтирибсанми? – деди.
-   Бор, ишингдан қолма! – жавоб берди мунофиқ қўполлик билан.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлганларидан сўнг шу бўлиб гап-сўзни айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишига:
-   Бўйнига урмадингми? – дедилар. (Калласини олиш маъносида)
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзни бажариш учун ўрнидан турган эди жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Умар, қайт. Сенинг розилигинг ҳикмат, ғазабинг иззатдур, - дедилар.


Туянинг эгарлари
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Минода турган эди, бир аъробий туянинг подаси била ўтиб қолди. Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Юк ташувчи туяларингни сотасанми?
-   Ҳа, - деди аъробий. Ҳазрат Умар ўн тўртта туяни сотиб олди. Сўнг бир кишига: - Бу подани ҳайда! – деган эди, аъробий:
-   Унинг тепасидаги ёпинчиқлари ва эгарларни ечиб қўй, - деди.
-   Мен уларни ёпинчиқ ва эгарлари билан қўшиб сотиб олганман, - деди Умар разияллоҳу анҳу.
Улар бу масалада тортишиб қолиб, охири ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг олдига бориб арз қилишди. Али разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Сиз уни эгар ва ёпинчиқларини қўшиб беришига келишганмисиз?
-   Йўқ.
-   Ундай бўлса, уларни ечиб беринг. Фақат туяларгина Сизники бўлади, - деди Али разияллоҳу анҳу.


Рангларингиз нега ўзгарди?
Қурайш ашрофларидан бир жамоа Умар разияллоҳу анҳунинг эшигининг олдига келиб, киришга изн сўрашди. Уларнинг орасида Қурайш хатиби Суҳайл ибн Амр ибн Абдушамс ва Абу Суфён ибн Ҳарб ҳам бор эди. Айнан шу дамда Бадрда қатнашган бир неча қул ва озод қилинган қуллар ҳам келиб изн сўрашиб турган эди. Шунда ичкаридан ходим чиқиб Қурайш ашрофлари қолиб, аввал Билол, кейин Суҳайб, Аммор ва Салмон Форсийларга (разияллоҳу анҳум) киришга изн берилганини айтди. Буни эшитган Абу Суфённинг жаҳли чиқиб кетди:
-   Бугунги кундаги каби таҳқирлашни кўрмаганман! Биздек ашрафлар қолиб, булардек қулларга изн берадими?
Шунда Суҳайб :
-   Эй одамлар, нега рангларингиз ўзгаради? Улар ҳам чақирилди, биз ҳам чақирилдик. Фақат улар биздан аввал кирди, биз улардан кейин кирамиз. Сизлар уларга бор-йўғи Умарнинг олдига аввал кирганларига ҳасад қиляпсиз, бироқ Аллоҳ таоло уларга жаннатда тайёрлаб қўйган неъматлари ҳаммасидан ҳам буюкроқ-ку!


Абу Суфён
   Макка фатҳида Абу Суфён  уч нафар жосус билан мусулмонларнинг лашкари ҳақида маълумот олиш учун Марруз-Заҳрон деган жойга борганида мусулмонлар томонидан қўлга олинди. Аббос разияллоҳу анҳу уни ўз ҳимоясига олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аббос разияллоҳу анҳу ҳимоясида ушлаб туриши учун тонггача муҳлат берди.
   Абу Суфён Исломни қабул қилганидан кейин ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу уни етаклаб Ислом лашкарини кўрсатиб қўйиш учун айлантириб юрган эди, Алмон форсий, Билол ҳабаший ва Суҳайб румийларнинг одиларидан ўтаётганларида уларнинг бири:
-   Аллоҳнинг душманининг бўйнига қилич уришимизга Аллоҳ имкон бермади-да! – деб қўйди.
Бу сўзлардан Абу Суфён қайтиб дандан чиқиб кетмасин деган хавфда Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
-   Ҳолинингизга вой бўлгурлар, Қурайшнинг шайхи ва саййиди бўлган инсонга шундай сўз қилурмисиз?! – деди.    
   Сўнг уларни чақириб танбеҳ бериб қўйиш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб уларнинг айтган гапларини айтиб берди. Бу сўзларни эшитиб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр разияллоҳу анҳуга бўлган муомалалари бирдан ўзгарди ва:
-   Эй Абу Бакр! Сен уларни ғазаблантириб қўйибсан! Аллоҳга қасамки, уларни ғазаблантирган бўлсанг, Аллоҳни ғазаблантирган бўласан!
Бу сўзлардан Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бошига чақмоқ тушгандек бўлиб кетди. Шошилиб ўша ўзи сотиб олиб, Аллоҳ йўлида озод қилиб юборган қулларининг олдига бориб ҳақиқий адолат ва инсонлар аро тенгликни намоён қилиб қилиб улардан кечирим сўради:
-   Эй биродарларим, мен сизларни ғазаблантириб қўйдимми?
-   Бугунги кунда сизни айблаш йўқ. Сизни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир, (Юсуф сурасининг 92-оятига ишора) - дейишди улар ҳам илтифот ила.


Гуноҳларимни кўтара олурмисан?
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу одатига кўра улуснинг ҳолини кўриш учун Аслам била бирга айланиб чиқди. Бир аёл оловга қозрнини ўрнатиб, атрофида болалари йиғлаб ўтирган эди. Халифа уларга яқин бориб салом берди. Аёл жавоб қайтарди.
-   Сизларга яқинроқ борсам майлими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Яхшилик билан яқин келсанг кел, бўлмаса нари бўл, - жавоб берди аёл.
-   Нима қилмоқдасиз?
-   Бизларга совуқ ва қоронғу оғир келди.
-   Гўдаклар нега йиғлаяпти?
-   Очлигидан.
-   Қозонда нима пиширмоқдасиз?
-   Сувни қайнатяпман. Улар ухлагунларича овутиб туриш учун. Аллоҳ биз билан Умарнинг ўртасида.
-   Аллоҳ раҳм қилсин, Умар сизларнинг ҳолингизни қайдан билсин?
-   Бизнинг ишларимизни зиммасига оладию, ғафлатда юрадими?
Умар ва Аслам шошилиб ун омбори томон қайтишди. Ун ва ёғ олиб:
-   Кўтаргизиб қўй, - деди.
-   Эй мўминларнинг амири, келинг мен кўтараман,  - деди Аслам.
-   Қиёмат кунида гуноҳларимни ҳам кўтара олурмисан? – деди Умар разияллоҳу анҳу.
   Аслам халифага юкни ортиб қўйди. Халифа чодирнинг олдигача кўтариб борди. Ундан бир миқдор олди ва аёлга:
-   Ўзимга қўйиб бер, мен ўзим сенга овқат тайёрлаб бераман, - деди. Оловни қалаб овқатни пишириб тайёрлади. – Идишни ҳозирла, - деди аёлга. Идишни олиб келганидан кейин овқатни солиб берди. – Болаларингга едириб ол. Мен қарашиб тураман.
   Болалар овқатни еб, қоринлари тўйгунича кутиб турди. Сўнг уларга бир қанча миқдорда озиқ-овқат бериб ортига қайтаётган эди, аёл:
-   Сиз бу ишга мўминларнинг амиридан муносиброқ экансиз, - деди.
-   Сен яхши сўзларни гапир, - деди Умар разияллоҳу анҳу, - Мабодо мўминларнинг амирининг олдига борсанг, иншо-Аллоҳ, мени ҳам ўша жойдан топасан.
Болалар ҳаммаси қорни тўйиб, ўйнаб кулгунларига қадар ўша жойда кутиб турди. Сўнгра аёлга мўминларнинг молларидан бир қанча улуш бериб қайтиб кетди.


Аллоҳ адлга ва эҳсонга буюради
Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳу айтади:
“Мен аввалига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилганлигимдангина имон келтирган эдим. Аммо қалбимда ислом қарор топмаган эди. Кунларнинг бирида у зот билан суҳбатлашиб ўтирсам, бирдан нигоҳлари самога кўтарилиб кетди. Кейин нигоҳини ўнг томонига қададилар. Сўнг яна шундай бўлди. Бунинг сабабини сўраган эдим, жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Мен сен билан сўзлашиб турган чоғимда Жаброил алайҳис салом ўнг томонимга тушди ва: “Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ адлга ва эҳсонга буюради” деди.
   Мана шу пайтнинг ўзида қалбимда имон қарор топди, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрдим”.



Абу Қаҳҳофа
   Абу Қаҳҳофа – ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг отаси. Умар разияллоҳу анҳунинг халифалик давриларигача умр кўрган.  У Макка фатҳига қадар Ислом неъматидан ғафлатда бўлган. Фатҳ кунигина Исломга кирган. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уни етаклаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борганида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Кекса инсонни уйда қолдиравермабсан-да, токи ўзим боргунимча, - дедилар.
-   Унинг ўзи Сизнинг олдингизга келиши муносиброқ, - деди абу Бакр разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан унинг кўкрагини силаб қўйди. У Исломга кирди.
Бир куни Абу Суфён ибн Ҳарбдан Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қандайдир маломат сўзлари келди. Абу Қаҳҳофа Абу Бакрнинг авозини кўтариб гапираётганини эшитиб, ёнидаги одамдан:
-   Ўғлим кимга бақиряпти? – деб сўради.
-   Абу Суфёнга, - жавоб берди ҳамроҳ. Абу Қаҳҳофа Абу Бакрнинг ёнига яқин келиб:
-   Эй Атиқ (Абу Бакрнинг яна бир исми), Абу Суфёнга бақиряпсанми? Ҳаддингдан ошяпсанми? – деб ажабланди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу табассум қилиб жавоб берди:
-   Эй отажон! Ислом кимларнингдир даражасини кўтарган бўлса, кимларникини пасайтирди.
   Кун келиб одамлар ларзага келиб қолишди. Абу Қаҳҳофа одамларнинг йиғлаганларини эшитиб қолди. Бунинг сабабини сўраган эди:
-   Ўғлинг вафот этди, - дейишди.
-   Оҳ, бу қандай мусибат! – Ўрнига ким халифа бўлди?
-   Умар ибн Хаттоб.
-   Ҳа, у ўғлимнинг дўсти эди.



Ҳазрат Умар ва ходимлар
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Баҳрайндан қайтгандан кейин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Эй Қуроннинг душмани! Аллоҳнинг молини ўғирладингми?!
-   Мен Аллоҳнинг ҳам, Унинг Китобининг ҳам душмани эмасман! Мен бу иккисининг душманларининг душманиман! Мен Аллоҳнинг молини ўғирламадим!
-   Ундай бўлса ўн минг дирҳамни қандай йиғдинг?!
-   Отларим туғди, савдоларим  барака берди, улушим кўпайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: “Бамдод намозини ўқиганимдан кейин мўминларнинг амири учун истиғфор айтдим. Кейин эса Умар мендан сўраб қолди:
- Омиллик қилмайсанми?
- Йўқ, - дедим.
- Сендан яхшироқ одам – Юсуф алайҳис салом ҳам қиган-ку, у ишни?
- Юсуф алайҳис салом пайғамбар, пайғамбарнинг ўғли. Мен эса бир оддий инсоннинг ўғли бўлсам. Мен уч ёки иккидан қўрқаман
- Беш деб айтмайсанми?
- Билмаган нарсамни айтишдан, ва чуқур англамай туриб ҳукм қилиб қўйишдан қўрқаман. Мен яна елкам дарра ейишидан, шаъним тўкилишидан ва молим кетиб қолишидан қўрқаман, - дедим”.


Хамр ичгувчининг жазоси
Қиддома ибн Мазъун хамр ичиб қўйгани учун Умар разияллоҳу анҳу уни жазоламоқчи бўлди. Шунда у:
-   Менга жазо вожиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло:
      لَيْسَ عَلَى الَّذِينَ آمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُواْ إِذَا مَا اتَّقَواْ وَّآمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ     
   “Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар .... еб-ичганларида гуноҳ йўқдир” деган, - деб айтди.
   Умар разияллоҳу анҳу дарра урдирмади. Бу гап ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга етиб борди. Али разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Нима учун дарра урмадингиз?
-   У менга Қурондан бир оятни ўқиб берди, - деб халифа мазкур оятни тиловат қилди.
-   Қидома бу оятдаги инсон эмас. Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни қилар экан, яхша амаллар қилганлардан ҳам эмас. Шубҳасизки, Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни ҳалол санаганлар яхши амал қилгувчилар эмасдир. Уни қайтаринг, тавба қилсин. Агар тавба қилса, унга дарра уринг. Тавба қилмаса, диндан чиққанлиги учун қатл қилдиринг.
Умар разияллоҳу анҳу Али разияллоҳу анҳунинг таклифини қабул қилиб уни чақиртирди. Қидома бу сўзларни эшитиб, дарҳол тавба қилди. Шу билан халифа уни қатлдан озод қилди. Энди қандай жазо қўллаш ҳақида ҳазрат алидан маслаҳат сўради.
-   Унга саксон дарра уринг, - деди Али разияллоҳу анҳу, - Чунки хамр ичгувчи маст бўлади. Маст одам алжирайди, алжираган одам ифтиро қилади (ёлғон тўқийди).


Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 25 May 2016, 16:34:13
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Зуҳд
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
   “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”. (Қасас. 77)
   Зоҳидлик бир фазилатдур. У ҳаргиз инсонлар билан дунёнинг ёки ҳаётнинг орасини узоқлаштиргувчи салбий хислат эмас. Агар шундай бўса эди, тарих чарҳпалаги тўхтаб қолиб, тарққиётнининг ривожланишига монеълик қилур эди. Айнан шу маънода Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
   “Ким дунёсига муҳаббат қўйса, охиратига зарар қилибди. Ким охиратига муҳаббат қўйса, дунёсига зарар қилибди. Фоний бўлгувчидан боқий қолгувчини афзал кўринг”.
   Зоҳидлик кўпчилик ўйлаганидек саъю-ҳаракатдан тўхтаб қолишлик эмас, ўз нафсига бира тўла жабру зулм қилиб, нафсга берилиши лозим бўлган қувватга бахиллик қилиш ҳам эмас. Балки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига итоат қилишилкдур.
   Зоҳидлик – дунё товланиб, жилоланиб инсонларни ўзига мафтун этганида унинг фитналарига алданиб қолиб, ҳалол бўлмаган нарсаларга ружу қилиб қўймасликдур. Шундай пайтда инсон назар солишилиги керак – унинг қилаётган иши ҳалолми ёки ҳаром? Агар ҳаром бўлса, ҳар қанча дунё фойдаси бўлса-да, нафсини ундан узоқлаштиргай. Агар ҳалол бўлса, ҳалолдан нафсини ман қилмагай. Бунга сарвари коинотнинг ушбу насиҳатлари далил бўлур:
   “Дундаги нарсаларга зоҳидлик қил, Аллоҳ сени яхши кўрур. Инсонлардаги нарсаларга зоҳидлик қил, инсонлар сени яхши кўрур”.
   Ҳақиқий зуҳд, бизларга ҳазрат пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек, бировнинг ҳақидан, шайтон бизнинг кўзимизга чиройли қилиб кўрсатган ҳар қандай гуноҳ ва маъсиятлардан ва Аллоҳ ҳаром қилган барча ҳаром нарсалардан сақланишлигимиздур. Зеро жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай бўлганлар ва ўз асҳобларига шундай таълим берганларки, улар умматнинг молига тажовуз қилмасликни ўрганганлар. Хулафойи рошидинлар ҳам айнан шу йўлни давом эттирганлар.
   Улар зоҳидликнинг мана шу йўлини тутдилар. Улар шуни яхши билар эдиларки, ҳақиқий бахт Аллоҳ таоло берган қисматга рози бўлишлик, ва ҳар бир ҳолат учун қаноат қилишликдур. Мана шу йўлга эргашмоқ вожибдур. Шаклланишни ўрнатишмаган. Ҳаётнинг паст-баландидан норози бўлмаганлар. Ўзларига тегишли бўлмаган ҳолатларга назар ташламаганлар. Улар дунёни қувимаганлар, балки дунё буларнинг ортидан эргашган. Улар дунёни ҳақир кўрдилар, дунё ҳам уларга ҳақир бўлиб келди.
   Бундай ҳақиқий маънодаги зоҳидлик ўтган солиҳларимизда намоён бўлган. Улар Аллоҳнинг Каломига эргашдилар:
   “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”. (Қасас. 77)
   


Химс ҳокими Умайр ибн Саъд
   Умайр ибн Саъднинг отаси ўз даврининг паҳлавонларидан бўлган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қатнашган жанг ва маъракаларнинг биронтасидан ҳам қолмаган. У зотдан кейин ҳам Ислом байроғини юқори қилиб, мусулсонлар шарафини юксалтириш  учун бардавом бўлган. Шунингдек қодисия воқеасида ҳам қатнашган.
   Ортидан Умайрдек отасига муносиб фарзандини қолдирди. Умайр ҳам отаси каби жангларда қатнашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларида иштирок этди.
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда Химс шаҳрига ҳокимлик вазифасига тайинланди. Кунлар ўтди. Бироқ Мадинага Химсдан ҳеч қандай ўлжа келишидан дарак йўқ эди. Барча тушган даромад Химс мусулмонларининг ҳаражатларига сарфланар эди.
   Халифа тушган ўлжалардан Мадинага юборишларини сўраб хат жўнатди. Умайр хатни олиб ўқигач, тўрвасини бўйнига илди, озуқа халтасини олди, чопонини елкасига ташлаб, қўлига асони тутиб йўлга яёв равона бўлди. Йўл юриб, ниҳоят халифанинг мажлисига етиб келди.
-   Ассалому алайкум, эй мўмниларнинг амири, - салом берди.
-   Ва алайкум ассалом. Ишларинг қандай? – саломига савол билан жавоб берди халифа.
-   Шукр. Тўрт мучам соғ. Ернинг устидаман.
Умар разияллоҳу анҳу уни ўожа олиб келган деб ўйлаган эди, лекин кўринишидан ўхшамади.
-   Нима, пиёда келдингми?
-   Ҳа.
-   Сенга уловини бергувчи одам топилмадими?
-   Ўзлари бермади, мен ҳам сўрамадим.
-   Қандай ҳам ёмон одамлар экан-а?!
-   Эй Умар! Аллоҳ Сизни ғийбатдан қайтармаганмиди?
-   У ерда нима ишлар қилдинг?
-   Мен Сиз юборган шаҳарга бордим. У ердаги яхши инсонларни жамладим. Уларни мол-мулкларидан солиқ олишга тайинладим. Тўплангансолиқларни ўз ўрнига сарфладим. Агар харажатардан ортиб қолса эди, Сизга олиб келган бўлур эдим.
-   Бизга ҳеч нарса олиб келмадингми?
-   Йўқ.
Шундан сўнг Умар разияллоҳу анҳу котибларига юзланди:
-   Уни ўз вазифасида қолдиринг.
-   Мен Сиз учун ҳам, бошқа бир инсон учун ҳам хизмат қилганим йўқ, - деб қўйди Умайр разияллоҳу анҳу.



Қимматбаҳо тақинчоқлар
Абдумалик ибн Марвонинг қизи, Умар ибн Абдулазизнинг хотини Фотиманинг қимматбаҳо тақинчоқлари бор эди. Буни тақиб юришни унга отаси тайинлаган эди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлгач Фотимга айтди:
-   Ўзинг танла – ё тақинчоқларни байтул молга топширасан, ёки мен билан ажрашишингга тўғри келади. Чунки мен тақинчоқ, сен ва мен бир уйда яшашимизни хоҳламайман.
-   Майли. Мен ҳали қиимматбаҳо тақинчоқ экан, ундан ортиғини ҳам Сизга алмашмайман, - жавоб берди Фотима.
Шундай қилиб, қимматбаҳо тақинчоқни мусулмонларнинг байтул молига топширишди. Вақти-соати келиб, Умар ибн Абдулазиз вафот этиб Язид халифаликни олганида Фотимага ўша тақинчоқни қатариб бермоқчи бўлди. Бироқ Фотима кўнмади ва:
-   Йўқ. Аллоҳга қасамки, унга ҳаётлик чоғида ёқмаган нарсасини вафотидан кейин ҳам қилмагайман, - деди.


Оқибат тақводорларники
Умар ибн Абдулазизнинг яқинларидан бири уни кўрагани келди. Қараса уйининг қоронғу бурчагида изорига бурканиб ётган экан экан. Тоби қочиб қолимимкин, деган фикрда сўради?
-   Эй мўминларнинг амири, нима кўз тегди?
-   Тинчлик, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Кийимларимни ювдирган эдим, ҳали қуримабди, - жавоб берди халифа. Бу жавобдан меҳмон қотиб қолди. Бир оз ўзига келгач сўрашда давом этди:
-   Қанақа кийим, эй мўминларнинг амири?
-   Кўйлак, ридо ва изор.
-   Ювдиришига берган бўлсангиз, бошқасини кийиб турсангиз бўлмайдими?
-   Бошқаси анчи эскирганидан кийишга яроғлилиги қолмабди.
-   Ундай бўлса, бошқа янги кийим олсангиз-чи?
Халифа жим туриб қолди. Сўнг нигоҳларини ерган қадаган кўйи Аллоҳ азза ва жалланинг каломини тиловат қилди, яъни:
-   “Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Қасас. 83)


Ҳазрат умар ва Ҳурмазон
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг амири бўлганида ҳам ўзининг дағал кийиниши ва камтарона турмуш тарзи билан бутун инсониятга ўрнак бўлди. Форс қўмондони Ҳурмазон ҳам бу зотнинг халифа бўла туриб оддий фуқародек яшашидан таажжубда қолган.
Ўшанда уни мусулмонлар асир олиб, Мадинага шоҳона кийимларида бошида тож билан олиб келишган эди. Қарасалар мўминларнинг амири масжиднинг ёнбошида ухлаб ётган экан. Уйғонгунича кутиб туришди. Ҳурмазон соқчилардан сўради:
-   Умар қаерда?
-   Мана шу – Умар, - жавоб беришдисоқчилар.
-   Унинг соқчилари қани?
-   Унинг соқчиси ҳам ясовули ҳам йўқ.
-   Бу киши пайғамбарликка муносиб инсон экан-ку! – таажжубланди Ҳармазон.
-   Йўқ, у пайғамбар эмас, лекин пайғамбар ишининг давомчиси, - жавоб беришди.
Умар разияллоҳу анҳу уйқусидан уйғонгач:
-   Шуми Ҳурмазон? – деб сўради.
-   Ҳа, - дейишди.
Умар разияллоҳу анҳу уни Исломга қилган адовати, хиёнати ва жиноятидан сўроқ қилди. У эса устамонлик қилиб, халифадан токи сув ичиб олгунча омонлик сўради. Халифа омонлик берди. Бундан эса Ҳурмазон “Менга омонлик берилди”, деб даъво қилди. Халифа уни афв қилди. У эса Исломни қабул қилди. Сўнг шу шаҳарда яшаб қолди.


Дунёга ҳожатим йўқ
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди. Қараса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйрада ёнбошлаб ётганларидан муборак жасадларига бўйранинг изи чиқиб қолган эди.
-   Эй Аллоҳнинг расули, тўшак сотиб олсангиз бўлмайдими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй умар! Кисро кабими?! Пайғамбарлик подшоҳлик эмас! Менга дунёнинг нима ҳожати бор? Мен билан дунёнинг мисоли ёз кунида от миниб кетаётиб, бир дарахтнинг тагида бирор соат салқинлаб, кейин у жойни тарк қилиб кетган киши кабидир.


Мангуликка рағбат
Сувайд ибн Ҳорис ривоят қилади:
“Биз етти киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қавмимизнинг номидан вакил бўлиб келдик. Биз кириб борганимизда биздан жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Сизлар кимларсиз?
-   Бизлар мўминлармиз, - жавоб бердик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб яна савол бердилар:
-   Ҳар нарсанинг ҳақиқати бўлгай. Сизларнинг мўминлигингизнин ҳақиқати недур?
-   Ўн беш хислатдур. Бештасини барча пайғамбарлар имон келтиришимизга буюрганларидур. Бештаси – Сиз буюрган амаллар. Бештаси эса, бизга жоҳилиятда ёмон кўрган ишларимиздур.
-   Пайғамбарлар буюрган беш хислат қайсидур?
-   Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига, пайғамбарларига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтиришимиз.
-   Мен буюрган беш амал қайси?
-   “Ла илаҳа иллаллоҳ” демоғимиз, беш маҳал намоз ўқимоғимиз, закотни адо қилишимиз, рамазон ойи рўзасини тутмоғимиз ва имкон бўлганда Байтуллоҳни тавоф қилиб ҳаж қилмоғимиздур.
-   Жоҳилиятда ҳамроҳ бўлиб, тарк қилганингиз қайсидур?
-   Кенгчиликка шукр, қийинчиликка сабр, тақдирга розилик, ҳар қандай ожизлик ҳолида рост гапириш ва адоватни тарк қилиш.
-   Сизлар олимлар ва донолардурсиз. Бу фаҳмларингиз билан пайғамбарлар каби бўлишга яқинсизлар. Агар шу айтганларингиздагидек бўлсаларингиз, мен сизларга яна беш хислат зиёда қилгайман, шу билан йигирма бўлур: Ўзларингиз емайдиган молни жамламанг. Ўзингизга маскан бўлмайдиган бинони қурманг. Эртагаёқ сизларга насиб бўлмайдиган нарсаларга рақобатлашманг. Аллоҳга тақво қилингки, Унга қайтурсиз ва Унинг ҳузурида тўпланурсиз. Шундай нарсаларга рағбат қилингки, сизлар оқибатда етишурсиз ва ўша неъматлар уза мангу қолгурсиз.


Қавмнинг Умарга маслаҳати
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда мусулмонларга кўплаб фатҳ ва нусратлар ёр бўлди, Ислом кенг миқёсда таралиб, кучли давлат барпо бўлди. Атроф жонибдан бойликлар оқиб кела бошлади. Бироқ халифа ўзи учун кенгчиликни асло истамас, камтарона рўзғордан ортиғига сира кўнмас эди. Ниҳоят мусулмонлар ўзларича маслаҳатлашиб мўминларнинг онаси Ҳафса разияллоҳу анҳонинг ҳузурига киришди.
-   Аллоҳ таоло мўминларга мўл-кўлчиликни бериб қўйди. Умар эса ўзи учун бўйра-ю, тиркчиликка аранг етгулик маишатдан ортиғига кўнмаяпти. Энди у ҳам байтул молдан хоҳлаганича олсин, мўминлар жамоаси бунга рози бўляпти, - дейишди улар.
   Ҳафса разияллоҳу анҳо уларнинг таклифларини қабул қилгандек бўлди. Улар чиқиб кетишгач Умар разияллоҳу анҳу кириб келди. Онамиз халифага одамларнинг таклифини етказди. Шунда халифа:
-   Эй Ҳафса! Эй Умарнинг қизи! Қавмингнинг маслаҳатига қулоқ солиб, отангга фириб қилмоқчи бўлдингми?! Аҳлимнинг ҳаққи ўзимнинг зиммамда ва ўз молим ҳисобидан бўлади. Аммо диним ва омонатимга ҳеч кимни аралаштирмагайман! Эй Ҳафса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қанчалик тор маишатда бўлгани эсингдан чиқдими?..
Ота ва қизни ўтмишни эслашиб узоқ вақт йиғлашди.


Пайғамбар банда
   Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳи салом билан Сафо тоғига чиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Жаброил, Сизни ҳақлик ила жўнатган Зотга қасамки, бу оқшом Муҳаммаднинг оиласида на арпа бодён ва ундан кенгчилик бўлмади.
   Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатиб улгурмасдан самодан даҳшатли овоз келди.
-   Аллоҳ қиёмат қоим бўлишига амр қилдими? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Йўқ, у – Исрофил алайҳис салом. Сўзларингизни эшитиб ҳузурингизга келди.
Исрофил алайҳис салом келиб сўз бошлади:
-   Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Сизнинг сўзларингизни эшитиб менга Ернинг очқичларини бериб ҳузурингизга жўнатди. Менга буюрдики, агар Сиз истасангиз тупроқни зумрад, ёқут, олтин ва кумушга айлантириб бераман. Хоҳласангиз фаришта пайғамбар бўласиз, хоҳласангиз банда бўласиз.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   Пайғамбар банда бўлишни истайман. Пайғамбар банда бўлишни истайман. Пайғамбар банда бўлишни истайман.


Ҳазрат Абу Бакрнинг мероси
   Мўминларнинг онаси Оиша разияллоҳу анҳо отаси – ҳазрат Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин унинг васиятига кўра қолган меросни олиб кейинги халифа Умар разияллоҳу анҳунинг олдига борди. Булар – сув идиш, сут соғадиган пақир ва атрофдан келган меҳмонларни кутиб олишга чиққанида киядиган пўстини эди.
   Шундай улуғ зотдан мерос бўлиб бундан бошқа нарса қолмаган эди. Ҳолбуки Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун инсонларнинг энг маҳбуби эди. Ислом учун ўзини фидо қилиб қирқ минг дирҳам пулини бира тўла сарфлаб юборган эди. Мол-дунёсини Аллоҳ йўлида, қул озод қилишга, ҳақ қарор топишига ва Аллоҳнинг Каломи улуғланиши учун нисор қилган. Барча мол ва матолдарини Аллоҳ учун гўзал қарз қилган эди.
   Умар разияллоҳу анҳу шугина қолган меросни кўриб йиғлаб юборди:
-   Аллоҳ раҳматига олсин! Ўзидан кейин келгувчи ҳар қандай инсонни чарчатиб кетди.


Кумуш билакузуклар
   Оламдаги барча аёлларнинг саййидаси ҳазрат Фотима разияллоҳу анҳо рўзғорда бир оз қийинчилик бўлганидан бир ходим ёллаб беришларини илтимос қилиб оталари – жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таклифни қабул қилмадилар. Аҳли суффа бўлган мискинлар бундан-да оғирроқ машаққатда ҳаёт кечириб турганларида ўзининг қизига хизматчи ёллаб беришни раво кўрмадилар.
   Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларини зиёрат қилгани бордилар. Эшикни қоқдилар. Сўнг ҳовлига кириб назар солдилар-да, ичкари кирмай ортларига қайтдилар. Бунинг сабабини сўраганларида:
-   Мен қизим Фотиманинг қўлида кумушдан бўлган икки дона билакузукни кўрдим, - дедилар.
   Бу сўзларни эшитган Фотима разияллоҳу анҳо дарҳол қўлидаги билакузукларни ечиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу узукларни сотиб, пулини фақрларга садақа қилиб юбордилар.


Адолат қилдинг, хотиржам бўлдинг
   Рум қайсари (яъни султони) Умар разияллоҳу анҳунинг адолати ва салтанатдаги давлат интизоми ҳақидаги таърифларини эшитиб, токи шоҳид бўлиб, иш юритиш усуллари, мамлакат аҳолисининг ички ҳолати, авом халқнинг турмуш тарзи-ю, ўз раҳнамосига бўлган муҳаббатларини кўриб, шоҳид бўлиб ўрганиб келиш учун ўзининг элчисини мусулмонларнинг диёрига юборди. Элчи Мадинага етиб келиб одамлардан сўради:
-   Подшоҳ қаерда туради?
-   Бизларда подшоҳ йўқ, амир бор. У киши шағар ташқарисига чиқиб кетган эди, - жавоб беришди одамлар.
Элчи суриштириб бориб ҳазрат Умарни қуёш тиғи остида қумнинг устида, бошига болиш ўрнига ҳассасини қўйиб терга ботиб ухлаб ётган экан. Бу ҳолатни кўрган элчи ҳайратдо қолди. Ҳатто қалбида мўминларнинг амирига бўлган муҳаббат жўш урди. У шу сўзларни айтди:
“Ҳайбатидан подшоҳларнинг тинчини йўқотиб, салобатидан саросимада қолдирган инсоннинг ҳолатини қара! Эй Умар, сен улусга адолат қилдинг, натижада ўзинг хотиржам ухлаш мақомида бўлдинг. Гувоҳлик бераманки, сизларнинг динингиз ҳақдур! Мен ҳозироқ Исломни қабул қилар эдим, лекин мен элчиман. Кўрганларимни Рум қайсарига етказганимдан сўнг албатта қайтиб келиб мусулмон бўламан”.
Элчи мусулмон бўлди.

Пайғамбарларнинг ҳаёт йўллари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолдилар. Умар разияллоҳу анҳу зиёрат учун ҳужрайи саодатга келди. Кириб қараса, Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам похол устида, бошларига лайфдан бўлган ёстиқни қўйиб ухлаб ётибдилар. Умар разияллоҳу анҳу ҳужрага назар солди. Хонада сув идиш, кўза, бир ҳовуч арпа ва кийим иладиган қозиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Умар йиғлаб юборди:
-   Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга дуо қилинг, Рум ва Форсга қилгани каби бизларга ҳам кенгчилик қилиб берсин!
-   Эй Умар! Сен ҳам дунё зийнатини хоҳлаб қолдингми?! Шу сўзларни сендан бошқаси айтса эди!.. Улар неъматлари шу дунёнинг ўзидагина берилган қавмлардур! – сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар:
لاَ يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذِينَ كَفَرُواْ فِي الْبِلاَدِ * مَتَاعٌ قَلِيلٌ ثُمَّ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَبِئْسَ الْمِهَادُ *
   “Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!” (Оли Имрон. 196-197)
   Пайғамбарларнинг ҳаёт йўллари шудир. Улар ўзларидан фарзандларига ҳеч қандай мерос қолдирмаганлар. Шунинг учун ҳам Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларки:
   “Бизлар пайғамбарлар жамоасимиз. Мерос қолдирмаймиз. Нимани қолдирган бўлсак бариси садақадир”.


Аллоҳ ҳамроҳим эди
   Ҳомид Асвад ҳазрат Иброҳим Хавос разияллоҳу анҳу билан саҳрода бирга бўлиб қолди. Улар дарахт остида тунадилар. У жойда ваҳший ҳайвонлар бор эди. Ҳомид асвад айтади:
   “Мен дарахтнинг шохига чиқиб олиб тонггача ухлай олмадим. Иброҳим Хавос эса бемалол ухлайверди. Ваҳший ҳайвонлар келиб унинг бошидан оёғигача ҳидлаб чиқди. Кейин эса ҳеч қандай зарар қилмасдан қайтиб кетишди. Эртаси куни бир қишлоқнинг масжидида тунаб қолдик. У жойда Иброҳим Хавоснинг юзига тахтакана ёпишиб олиб чақа бошлади. Ҳамроҳим инграй бошлади.
-   Ажабо, - дедим, - кеча арслонлар келиб искаб кетишди, аммо зарар қилишмади. Бугун эса тахтаканалар озор бермоқда?...
Иброҳим Хавос жавоб берди:
-   Ўтган кеча аллоҳ азза ва жалла ҳамроҳим эди. Бугун эса ўзим билан ўзим бўлиб қолдим.


Иффат ва имон қуввати
   Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Солим ўз нафсини қўлга олган зоҳид ва иффат соҳиби эди. У Каъбани тавоф қилаётганида мўминларнинг амири Ҳишом ибн Абдулмалик кўриб қолиб илтифот қилди:
-   Хоҳлаган нарсангни сўра! Мен сўраганингни бераман.
Солим таклифни рад қилди:
-   Эй соҳиб, мен Аллоҳнинг байтида туриб Ундан бошқадан сўрагани ҳаё қилурман.
Ҳаж амалларини адо қилиб бўлганидан сўнг Ҳишом яна илтифот қилди:
-   Мана, энди Аллоҳнинг байтидан чиқдинг. Хоҳлаган нарсангни сўра, мен берурман!
Нафсининг эркини синдириб олган Солим иффат ва имон қуввати ила таклифни яна рад этди:
-   Мен дунё матосини бутун дунёга молик бўлган Зотдан сўрамасам-у, дунёга молик бўлмаган кимсадан сўрарманму?...


Кунлари ташна, тунлари бедор
   Умар ибн Абдулазиз бемор бўлиб қолди. Одамлар уни кўргани келишди. Уларнинг орасида ёшроқ йигит бор эди. Мўминларнинг амири унга илтифот қилди:
-   Менга бир ҳақ сўздан сўзламайсанми?
-   Эй мўминларнинг амири, дунё ҳаловатини тотиб кўриб билдимки, у  аччиқ экан. Менинг кўз ўнгимда унинг роҳатию ҳаловати ҳеч нарса бўлмай қолди. Унинг олтинию, тоши мен учун баробар бўлди. Мен гўёки Раббимнинг Аршига қарасам, у кўз ўнгимда очиф-ойдин намоён бўлаётгандек. Одамларга қарасам, улар бири жаннатга, бири дўзахга равона бўлаётир. Шунинг учун кундузлари ташналикни, тунлари бедорликни ихтиёр қилдим. Бироқ менинг амалларим Аллоҳнинг савоби олдида ҳам, иқоби олдида ҳам ҳеч нарсага арзимайди.
Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди ва шундай деди:
-   Ҳақ сўларни айтдинг.


У бизнинг ҳокимимиз
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида атроф жонибдан келган мусулмонларнинг яшаш тарзларини ва шароитларини ўрганишни ғанимат билур эди. Шу мақсадда минтақалардан келган мусулмонларнинг карвонларини кезиб юрар, уларнинг аҳволларини суриштирар эди. Айниқса Химс халқи фақирликдан хароб бўлаётганидан халифанинг тинчи йўқолган эди. Шунинг уларнинг орасидан бир солиҳ инсонга рўпара келиб унга топшириқ қилди:
-   Менга энг камбағалларингизнинг исмларини ёзиб беринглар.
У киши байтул молдан ёрдам бўлса керак, деган фикрда камбағалларнинг рўйҳатини тайёрлади. Эртасига рўйҳатдаги кишилар келишган эй Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Сизлар Умайр ибн Саъидни ёзибсизлар, хўш, у ким?
-   У бизнинг ҳокимимиз, эй мўминларнинг амири, - жавоб беришди.
-   У ҳам камбағалми?
-   У ичимизда энг камбағалимиз. Дунё насибасидан ҳеч нарсага эга бўлмаган.
-   Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мусулмонларнинг вилоятига яхши инсонни тайинлашда Умарга тавфиқ берибди.



   Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 07 Iyul 2016, 07:23:29
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Кечирим
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
   “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”. (Аъроф. 199)
وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
   “Улар ... ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир”. (Оли Имрон. 134)
   Кечиримлилик – ваҳдониятнинг мустаҳкам асосини барпо қилгувчи олийжаноб фазилатдур. У юксак қувват бағишлайди. Каромат ва қадр қиммат хислатларини юқори қилур. Зеро, ғазабни ютишлик ҳақиқий имоннинг белгисидир. Кечиримлилик ва раҳм-шафқат омонлик ва хотиржамлик гаровидур.
   Нафснинг ихтиёрига қарши туришнинг ўзи бир жасоратдур. Чунки ўзига бино қўйишга одатланган ҳавойи нафс инсонни қасос олишга мажбурлайди. Айниқса бугунги кунимизда кўрамизки, бир кишига озор берсалар қаҳру ғазабдан қутуриб кетади ва имкон топса албатта ўша рақибидан ўч олиб, бурнини ерга ишқалашга ошиқади. Унга на насиҳат кор қилса, на қилмишининг охирини ўйласа.
   Бордию, ожизлик қилиб қолса ҳам бир кун келиб интиқом олиш илинжида бўлади ва имконини топишга фурсат келгунча ич этини тирнаб, шайтоннинг чақириғига олдиндан лаббай дейишга шай туради. Аллоҳ асрасинки, бу ҳолда жамият интизомлар изидан чиқиб, осойишталикка путур етиши натижада кишилар ҳаёти хавотирда қолиб, меҳр-оқибат ришталари узилиб, мусулмонларнинг бирлигига дарз кетиши ҳеч гап эмас.
   Ушбу илҳий насиҳатлар доимо ёдимизда бўлиши лозим:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
   “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”. (Аъроф. 199)
وَأَن تَعْفُواْ أَقْرَبُ وَلاَ تَنسَوُاْ الْفَضْلَ بَيْنَكُمْ
   “Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг”. (Бақара. 237)
   Ҳавойи нафс устидан ғолиб келиб Аллоҳ розилиги учун инсонларга нисбатан кечиримли бўлган зотларга ҳар бир кўрган озорлари эвазига қасос ва интиқомдан неча чандон зиёда мукофотлар бордир. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг марҳамати, каромати, мағфирати ва солиҳ бандаларига таёрлаб қўйилган мангу роҳат макони бўлмиш  жаннат боғларидир! Ҳа, бандалар шайтоннинг чақириғига эмас, Аллоҳнинг фазлига шошилсин!
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ * الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ *
   “
Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (Оли Имрон. 133-134)
   Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобайи киромларнинг йўллар шу эрур. Шоядки ўқиб, ўрганиб, ибрат олсак деган илинжда, аллоҳнинг тавфиқи ила уларнинг ҳаётларидан лавҳа келтиришни лозим топдик.


Каъб ибн Зуҳайрнинг авф этилиши
   Бужайр ибн Зуҳайр Исломни қабул қилган эди унга акаси Каъб ғазаб қилди ва уни маломат қилиб хат жўнатди. Бужайр бу ҳақди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ким Каъб ибн Зуҳайрни кўрса, дарҳол ўлдиришини буюрдилар.
   Бужайр дарҳол акасига қонининг тўкилиши ҳалол бўлганлигини билдириб хат юборди. Хатда яна шундай дейилган эди: “Жонинг омон қолишини хоҳласанг, тезда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига кел. Чунки у зот тавба қилиб келганларни қабул қилади. Мусулмон бўлганидан кейин Исломга киришидан аввалги қиган ишлари учун жазоламайди”.
   Каъб хатни олгач қабиласининг ашрофларидан ҳимояларига олишларини сўраган эди қабул қилишмади. Бундан жони ҳалакда қолганини кўрган душманлари ҳар тарафга миш-миш гапларни тарқата бошлашди. Ниҳоят, чорасиз қолган Каъб Мадинага келиб ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга учради. Ҳазрат Али уни масжидга етаклаб бориб:
-   Мана шу зот - Аллоҳнинг расули. Бор, Ул зотдан омонлик сўра! – деди.
   Каъб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларига бориб муборак қўлларидан тутди
-   Эй Аллоҳнинг расули, Каъб ибн Зуҳайр тавба қилиб, мусулмон бўлиб Сиздан омонлик сўраб келди, - деди у, - Агар мен уни Сизнинг ҳузурингизга олиб кирсам уни қабул қилурмисиз?
-   Ҳа, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менман, эй Аллоҳнинг расули, Каъб ибн Зуҳайр!
-   Ўша сўзларни айтган сенмисан?!
Шунда ансорлардан бўлган бири киши сапчиб ўрнидан турди-да:
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу Аллоҳнинг душманини менга қўйиб беринг, калласини узиб ташлайман! – деди.
-   Уни тек қўй! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - У бизнинг қошимизга тавба қилган ҳолда келди.
   Шунда Каъб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ қилинган, маҳобатлар зикр қилинган машҳур қасидасини ўқиди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чопонларини унинг елкасига ташлаб қўйдилар ва афв қилдилар.


Отасининг қотилини кечирган ўғиллар
   Уч йигит Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига бир кишини етаклаб келди.
-   Бу киши бизнинг отамизни ўлдирди, - дейишди.
   У киши ҳақиқатан ҳам уларнинг оталарини ўлдирганига иқрор бўлди. Лекин олий жазо қўллашлари учун уч кунга муҳлат сўради. Бунинг сабаби у уйига бир қанча бойликни беркитиб қўйган, лекин уни ўзидан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ўша бойлик кўмилган жойни ўғилларига кўрсатиб қўйишлик учун уйига бориб келишликка уч кун вақт кетар эди. Ўрнига улуғ саҳобий – Абу Зар Ғифорийни гаровга қўйиб кетди.
   Орадан уч кун ўтди. Қоидага кўра агар у келмаса унинг ўрнига Абу Зар разияллоҳу анҳу қатл қилиниши керак эди. Уни анча вақт кутишди. Ниҳоят, уч кун адо бўлишига оз қолганида кийимлари чанг ва ғубор ғолатда халлослаб етиб келди. Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Қочиб кетишингга имкон бўла туриб ҳам нега қайтиб келдинг?
-   Ваъда вафо қигувчилар қолмабди, деган гап бўлмасин деб қайтиб келдим, - деди у.
   Сўнг абу Зарга юзланди:
-   Сен нега ўзинг танимаган инсонга кафолат бердинг?
-   Мен мурувват аҳли қолмабди, деган гап бўлмасин дедим, - жавоб берди Абу Зар разияллоҳу анҳу.
Шунда даъвогарлар айтишди:
-   Ундай бўлса биз ҳам авф қилдик, токи одамлар орасида қасос олишга имкони бўла туриб афв қилгувчилар қолмабди деган гап бўлмасин.


Аллоҳ мўминларнинг орасини ислоҳ қилур
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби ила ўтирган эдилар. Шу пайт жаноб шундай кулдиларки, ҳато муборак тишлари кўринди. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсун, эй Аллоҳнинг расули, Сизни кулдирган нарса нимадир?
-   Умматимдан икки киши Раббил-иззатнинг ҳузурида тиз чўкиб ўтиришди. Уларнинг бири айтди: “Эй Раббим, бундан менинг мазлумлик ҳақимни олиб бер”. Аллоҳ золимга айтди:”Биродарингга мазлумлик ҳақини бер!”  У: “Эй Раббим, мен қандай қилиб берайин, ахир менда савоб амалдан ҳеч нарса қолмади-ку!” деди. Шунда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сўрагувчига айтди: “Бу биродарингни нима қилурсан, унда савоблардан ҳеч нарса қолмабди?” У айтди: “Ундай бўлса менинг гуноҳларимдан олсин!”
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу сўзларни айтиб кўзларига ёш олдилар ва:
-   Дарҳақиқат, Ул кун улуғ кундур. У кунда инсонлар ўз хатоларини юклашга муҳтож бўлиб қолурлар, - сўнг яна сўзини давом эттирдилар, - Шунда Аллоҳ таоло даъвогарга айтур: “Бошингни кўтариб назар сол!” У бошини кўтаради ва: “Эй раббим, кумушдан бўлган шаҳарларни ва олтиндан бўлган қасрларни кўрмоқдаман. Бу қайси пайғамбарга, қайси сиддиққа ёки қайси шаҳидга тегишли?” дейди. Аллоҳ: “Бу пулини тўлайдиганга” дер. Банда: “Бунга ким қодир бўлур?” “Бунга сен қодир бўлурсан” “Нима билан?” “Биродарингни афв қилишлик ила”. “Ундай бўлса уни афв қилдим!” дегай банда. Эй инсонлар! Аллоҳга тақво қилинг, ораларингизни ислоҳ қилинг. Чунки Аллоҳ мўминларнинг орасини ислоҳ қилур!


Шоирга эллик минг дирҳам
   Мусъаб ибн Зубайр Мухтор ибн Абу Убайданинг асҳобларидан бўлган бири кишини тутиб, унинг калласини олишга амр қилди. Шунда у киши:
-   Эй амир! Қиёмат кунида мен сенга осилиб олиб, Раббимга: “Эй Раббим! Мусъабдан сўрагин-чи, мени нима сабабдан ўлдирди экан?” десам қандай ҳам ёмон аҳволда қолишингини тасаввур қила оласанми? – деди.
-   Уни қўйиб юборинглар! – буюрди амир.
-   Эй амир! Менга ҳаёимни бахшида қилдинг, энди бир илтифот эт!
-   Унга юз минг дирҳам беринглар!
-   Ота-онам сенга фидо бўлсин, эй амир! Сен гувоҳ қилиб ваъда бераманки, ибн Қайснинг ушбу байтлари учун унга шу пулнинг ярмини бераман!
         Мусъаб Аллоҳ томондан юборилган ёрқин нур,
         Оразин шуъласидан зулмат чароғон бўлур!
Шунда Мусъаб кулиб юборди ва:
-   Сен Худо берган истеъдодинг билан мени ром айладинг! – деб яна эллик минг дирҳам беришга амр қилди – бунга июз минг, шоирга эллик минг.


Ғазабини ютадиганлар
   Ривоят қилибдиларки, Ҳорун ар-Рашид қулига буюрди:
-   Таҳорат олишга сув олиб кел!
Қул сувни олиб келди. Бироқ шошилганидан ва халифанинг ҳайбатидан қўлидан тушиб кетиб идиш синди, сув тўкилиб кетди. Мўминларнинг амири дарғазаб бўлиб уни жазоламоқчи бўлган эди қул:
-   Эй мўминларнинг амир! Аллоҳ таоло:
وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ   (ғазабини ютадиганлар) деган, - деди.
-   Ғазабимни ютдим, - деди Ҳорун ар-Рашид.
-   وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ   (Ва одамларни авф қиладиганлардир).
-   Сени афв қилдим!
-   وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ   (Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради. Оли Имрон. 134)
-   Саҳоватли Аллоҳнинг розилиги учун сени озод қилдим!
   Шундай қилиб чиройли муомала ва фасоҳат эвазига бир қул жазодан қутилиб, озод бўлди.


Ғазабнинг каффорати
   Абу Масъуд Бадрий қўл остидаги қулини қамчи билан аямай урди. Унинг шунчалик жаҳли чиққан эдики, ҳар урган сари сари ўзини тўхтата олмай яна савалар эди. Қул дод солиб ёрдам сўрар, лекин ҳеч ким унга ёрдам бера олмас эди. Шу маҳал орқа томонидан:
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй!
У шунчалик ғазабга минганидан кимнинг овози эканлигини ажрата оладиган аҳволда эмас эди. Овоз яна ҳам яқинроқдан, баландроқ эшитилди:
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй!
Ниҳоят орқасига ўгирилиб қаради-ю, ҳайбат ва қўрқинчдан қалтираб қолди. Қўлидан қамчиси ҳам тушиб кетди. Бошини эгиб мункайиб қолди. Қараса – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам турибдилар!
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй! Билгинки, Аллоҳ сенга бу қулга қодир бўлганингдан кўра қодирроқдир!
Абу Масъуд қилган ишидан уялиб кетди. Гуноҳига каффорат тўлашни ирода қилиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, уни Аллоҳнинг розилиги учун озод қилдим! – деди.
-   Агар шундай қилмасанг эди, дўзах эшигини очган бўлур эдинг, - дедилар Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Жазонинг миқдори
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб айтди:
-   Менинг қулларим бор. Улар ёлғон гапиришади, хиёнат қилишади ва осийлик қилишади. Мен уларни сўкаман, ураман. Энди қиёматда менинг ҳолим қандай бўлур?
-   Қиёмат куни бўлганида уларнинг сенга қилган хиёнатлар, осийликлари, ёлғонлари ва сенинг уларга берган жазоларинг ҳисоб қилинади. Агар сенинг жазойинг уларнинг гуноҳлари миқдорида бўлса сенга кифоя бўлади ҳеч нарса қилинмайди. Агар жазойинг уларнинг гуноҳи миқдоридан ортиб кетса, ўша ортган миқдорда улар сенда қасос олурлар.
   Киши уввос солиб йиғлаб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
-   Аллоҳнинг ушбу Каломини ўқимаганмисан:
وَنَضَعُ الْمَوَازِينَ الْقِسْطَ لِيَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئاً وَإِن كَانَ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِّنْ خَرْدَلٍ أَتَيْنَا بِهَا وَكَفَى بِنَا حَاسِبِينَ
   “Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз”. (Анбиё. 47)
-   Эй Аллоҳнинг расули, - деди у киши, - Сизни гувоҳ қилурманки, улар озоддурлар!


Абдуллоҳ ибн Масъуднинг афви
   Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу рўғорнинг камлари учун бозор-ўчар қилгани чиққан эди, пулини ўғирлатиб қўйди. Одамлар эшитиб қолиб ўғрини қарғай бошлашиди. Шунда ибн Масъуд уларни бу ишдан қайтарди ва дуо қилди:
-   Эй аллоҳ! Агар ўша олган одам муҳтожликдан олган бўлса, олганига барака бергин. Агар муҳтож бўлмай туриб олган бўлса, шу ўғирликни ҳаётидаги энг охиргиси қил!



   Ривоят қилишларича Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир кишидан сўрабди:
-   Сен қандай инсонсан?
-   Мен фитнани яхши кўриб, ҳақни ёқтирмай, кўрмаган нарсасига гувоҳлик бергувчиларданман. – жавоб берди у. Халифа уни қамоққа буюрди, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу эса рад этди ва:
-   У киши тўғри даъво қиляпти, - деди.
-   Қандай қилиб? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Мол ва бола-чақани яхши кўради. Аллоҳ таоло:      إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ      “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (синов)дан бошқа нарса эмас” деган. (Тоғобун. 15). Ўлимни ёқтирмайди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлигига гувоҳлик беради.
-   Умар разияллоҳу анҳу уни қўйиб юборишга амр қилди ва:



Сен Аллоҳнинг мавлосисан
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир қул ҳожаси бурнини кеси юборгалигидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожани чақирган эди унинг хатоларини рўкач қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қулга илтифот қилдилар:
-   Боравер, сен озодсан!
-   Эй Аллоҳнинг расули, энди мен кимнинг мавлоси бўламан? – ҳайрон бўлди қул.
-   Сен Аллоҳнинг ва унинг Расулининг қулсан.
Шундан сўнг унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари кафил бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин эса Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо кафил бўлдилар.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 04 Aprel 2017, 16:05:08
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Меҳрибонлик
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
   “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба. 128)
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
   “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё. 107)
   “Тавба” сурасидан бошқа барча сураларнинг “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошланиши Қурони каримнинг латофатларидандур. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло камоли фазли ва меҳрибонлигидан бандалар билан бўлган муносабатларининг бошланишида барча улуғ ва гўзал исмлари ичидан фақт шу икки исмнигина ихтиёр қилди.
   Аллоҳ таолонинг раҳмат сифати бутун мавжудотни ўз ичига олади. Бундай марҳамат ҳеч кимни ва ҳеч нарсани қолдирмаган, ҳатто заррага қадар бутун борлиқни қамраб олган. Шундандурки, фаришталарнинг дуоларида бу марҳамат намоён бўлган:
رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَّحْمَةً وَعِلْماً فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ
“Эй Раббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин”. (Ғофир. 7)
Бу сифат ҳар кимга ўз насибаси ва камолоти даражасида берилади. Кимга мутлоқ меҳрибонлик насиб қилган бўлса, бу унинг камолотидан нишонадур. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар барча инсонлардан кўра марҳаматлироқ бўлган эса, уларнинг хотами, сарвари коинот Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг мўл насига мушарраф бўлганлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Каломида таърифлаганидек:
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
   “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба. 128)
Шубҳасизки, Ул зотнинг бутун оламга тошиб тўлган раҳмати интилганларни ўзига ошно қилур, узоқдагиларни яқин қилур. Агар ул зотнинг беҳисоб илтифотлари ва беқиёс хушмуомалаликлари бўлмаса эди, қиёматгача куррайи замин бўйлаб тарқалиб боргувчи беназир жамоатга асос сола олмас эдилар. Бу улкан неъматни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасида (159-оятда) зикр қилади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар”.
Ҳа, аслида ҳам шундай. Зеро ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат бўлиб келганлар. Бу муқаддас рисолатнинг гўзал таълимоти башарият табиати ўзида доимо эҳтиёж сезиб турадиган гўзал хислат – муҳаббат, меҳрибонлик ва ошноликка йўғрилган.
Ислом дини шариати бутун олам аҳлига меҳрибонлик қилшга буюриб, бу меҳрибонликни комил имон ва гумонсиз тасдиқнинг белгиси қилиб қўйган. Мусулмон киши унинг қалбида қайси инсонга йўлиқмасин, унга ўз қалбидан ҳиссий хайрихоҳлик ҳиссиётларини ва холис эзгуликни ато айласин, унинг дардига малҳам, кўз ёшига таскин берсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Раҳм қилмагунларингизча мўмин бўлмайсизлар”.
“Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар ҳар биримиз раҳмлимиз!” дедилар.
“Бирингиз ўз соҳибига қилган марҳамати эмас, балки оммага қилган марҳамати раҳмдиллик эрур!” дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Киши ўзининг яқин кишиси ёки дўстига меҳрибонлик қилиши мумкин. Чунки уларга қилган хайру-эҳсонлари бир кун келиб ўзига қайтиши турган гап. Бироқ қачонки ғариб ва бечораҳолларга рўпара келганда улардан узоқроқ бўлишлик бугунги кундаги одатий ҳолат. Бу эса Ислом таълимотларига мутлақо зиддур. Мусулмон киши ҳамиша, ҳар ҳолатда, барча инсонлар учун бирдек саҳоватпеша, кўнгиллар овловчиси бўлиши лозим. Мусулмон киши қалбидаги имоннинг раҳм-шафқат сари чақириғига ижобат қилароқ таниган ва танимаган кишиси учун бирдек кўмакка интилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Ким инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмагай!”
Ҳаётда шундан кимсалар борки, улар ҳақиқатан ҳам меҳр ва мурувватга муҳтож. Уларнинг кўпроғи етимлар, бевалар ва гўдаклар.
Раҳм-шафқат ва меҳрибонлик шундай олийжанобликки, инсон унга амал қилар экан, аввало ўзига хизмат қилгувчиларга, ҳатто тилсиз ҳайвонларгача меҳрибонлик қилиши лозим. Бир аёл мушугини уйга қамаб қўйиб, на ўзи овқат бермаган, на мушук ташқаирга чиқиб овқат топишининг имконини бермаган. Натижада мушук ҳалок бўлгани-ю, аёл айнан шу қилмиши туфайли дўзахга киргани кўпчиликка маълум ва машҳур.
Аллоҳ таолодан бизларга раҳм қилишин, ва оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларгиа эргашиб боришимизга тавфиқ беришин сўраб, шоядки ибрат олсак деган илинжда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асрларида бўлган меҳрибончиликлардан мисол келтиришни ирода қилдик.


Туянинг шикояти
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийларда бирининг боғига кирдилар. Қарасалар туя бор экан. Туя Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрибоқ типирчилаб, дуввиллаб кўзларидан ёшини тўкиб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни силаб қўйган эдилар, жим бўлиб қолди. Туянинг эгасини сўриштирдилар. Бир ёшгина йигит келиб:
-   Бу меники, эй, Аллоҳнинг расули, - деди.
-   Аллоҳ сени молик қилиб қилиб қўйган бу жонивор учун Аллоҳдан қўрқмайсанми? У менга уни оч қолдириб, тинимсиз ишлатишингдан шикоят қиляпти, - дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Сафийя разияллоҳу анҳонинг шарафи
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавжайи мутаҳҳаралари бўлган Сафийя  бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳонинг шан ва шарафларини ҳимоя қилар эдилар..сафийя разияллоҳу анҳо ўзи Бану Назр қабиласининг яҳидийларидан бўлганлиги учун Оиша ва Ҳафса разияллоҳу анҳолар билан ораларида гап ўтиб қолган эди. Бу иккиси айтдилар :
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида сендан кўра бизларнинг ҳурматимиз юқорироқ!
Сафийя разияллоҳу анҳо уларнинг бу сўзларидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар. Шунда Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам таскин бердилар:
-   Уларга: “Сизлар қанақасига мендан кўра яхшироқ бўласизлар, менинг эрим – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, отам – Ҳорун алайҳис салом, Амаким – Мусо алайҳис салом бўлса?” демадингми? – дедилар.
Ривоят қилишларича Зайнаб разияллоҳу анҳо Сафийя разияллоҳу анҳони “яҳудия” деб лақаблаганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жазолаш ва одоб беришлик учун тўлиқ икки ой ҳажр (айро) қилганлар экан.


Абдуллоҳ ибн Амр
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша разияллоҳу анҳонинг мажлиисда ўтирган бир аёлга эътибор қаратиб қолдилар. Аёлнинг кийимлари эски, чиройли юзларидан ғам-андуҳ аломатлари яққол сезилиб турар, нигоҳлари синиқ, кайфияти тушкун эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлнинг турмуши анча фаровон, ўзига анча тўқ оиладан эканлигини билганларидан бу тушкунликнинг яна қандай сабаби бўлиши мумкинлиги ҳақида сўрадилар. Аёл айтдики, унинг эри Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо кундузлари доимий рўзада, кечалар доимий намозда бўлганлигидан ибодатдан ошиниб бунга вақт ажрата олмаётганлигини айтди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳни чақиртирдилар ва унга ғамхўрлик ила насиҳат қилдилар:
-   Менга етиб келган сўзларга қараганда сен кундузлари рўза тутиб, кечалари қиём турар экансан. Ундай қилмагин. Чунки, сенинг зиммангда баданингнинг ҳақи бор, кўзингнинг ҳақи бор ва хотинингнинг ҳам ҳақи бор. Рўза тут ва тутмай ҳам юр.
Ушбу насиҳатдан сўнг ҳеч қанча фурсат ўтмай у аёл яна Оиша разияллоҳу анҳонинг зиёратига келди. Бу сафар ўзига оро берган, атир-упа истеъмол қилган, чиройли кийиниб олган, юзларида мамнунлик аломатлари сезилиб турар эди.


Отамдан кўра яхшироқ ота
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак Рамазон хайити куни чопқиллаб ўйнаб турган болаларнинг ёнларидан ўтиб қолдилар. Уларнинг орасида бир бола ўзи алоҳида йиғлаб ўтирар эди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнига бориб сўрадилар:
-   Эй болакай, нега йиғлайдирсан? – деб сўрадилар.
-   Эй амаки, қўяверинг, менинг дардимни сўраманг! Менинг отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган ғазотда вафот этди. Энди мен шундай хайит байрам кунида кўнглимга сурур бағишловчи ота топа олмайман! – жавоб берди бола.
-   Хоҳлайсанми, мен сенга ота бўламан, Фотима опа бўлади, Оиша она бўлади?
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мени афв қилинг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани етаклаб уйига олиб бордилар. Қорнини тўйғазиб, кийим кечак кийдирдилар. Қўлига озроқ пул бериб:
-   Энди бориб ўртоқларинг билан ўйнайвер! – дедилар.
Бола фахру-ифтихорда қайтганини кўрган ўртоқлари сўрашди:
-   Сенга не бўлди, боягина йиғлаб ўтирган эдинг, энди бўлса ўзингда йўқ хурсандсан?
-   Отамдан кўра яхшироқ отани, онамдан кўра мукаррамроқ онани кўрдим! – жавоб қилди болакай.



Оламларга раҳмат бўлган зот
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмига озор берганларга ҳам ўзларига муносиб муомалада бўлар бўлар эдилар. Агарда Аллоҳ таолога дуо қилсалар эди, душманлари ҳалок бўлгай эди. Ҳолбуки кейинги авлодга ибрат бўлишлиги учун улардан интиқом олишнинг имкони кўп бўлган, лекин ул табаррук зот уларнинг ёмонликларига қаши яхшлик билан, жабру-жафоларига кечириш билан жавоб берганлар.
Бир куни онамиз Оиша разияллоҳу анҳо сўради:
“Сизнинг бошингизга ҳар қачонгидан ҳам оғирроқ кун келганми?”
Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
“Қавмимга йўлиққанларим ичида энг ашаддийроғи Ақаба кунида бўлган. Ўшанда мен шахсан ўзим Лайл ибн Абдукалолга юзланган эдим, у эса мен хоҳлаган нарсага ижобат қилмаган эди. Чеҳрамда ғам-андуҳ билан қайтдим. Бир маҳал бошимни кўтарсам, устимда булут менга соя ташлаб турибди. Қарасам, Жаброил алайҳис салом турибди. Менга нидо қилди:
-   Аллоҳ таоло қавмингизнинг сўзларини ва уларнинг инкор қилганларини эшитди ва Сиз хоҳлаганингизни буюришингиз учун тоғлар фариштасини юборди.
Тоғлар фариштаси менга:
-   Раббим мени буйруғингизни бажариш учун ҳузурингизга юборди. Нимани хоҳлайсиз? Агар хоҳласангиз Маккадаги иккала тоғни уларнинг устига ташлаб қўяман! – деган эди”.
Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан шундай деган эдилар:
-   Йўқ! Мен Аллоҳ таоло уларнинг зурриётларидан Аллоҳга ширк келтирмасдан ёлғиз Ўзигагина ибодат қиладиган авлодлар чиқишидан умидворман!


Ҳотиб ибн Абу Балтаъа
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қўшин жўнатар экан Ҳотиб ибн Абу Балтаъа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга қўшин ҳозирлаётганининг хабарини бериб Қурайшга хат ёзиб бир аёлга берди. Аёл хатни сочининг орасига яшириб олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг ортидан Али ибн Абу Толиб ва Зубайр ибн Аввомни жўнатиб, тайинладилар:
-   Унга етиб олинглар. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа у билан Қурайшни қўшин тўплаганимиздан огоҳлантириб хат ёзишган.
Булар йўлга чиқиб етиб олдилар ва ундан хатни олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳотибни чақиртириб бу ишга уни нима мажбур қилганини сўрадилар.
-   Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳга ва расулига имон келтирган  мўминдурман! – жавоб берди Ҳотиб, - Бошқа одам бўлганим ҳам,ўзгарганим ҳам йўқ. Лекин мен шундай кишиманки, қавмда менинг тарафимни олгувчи бирор аҳл ёки яқиним йўқ. Уларнинг орасида фарзанд ва аҳлим бор. Улар учун шундай чора қилган эдим.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, уни менга қўйиб беринг, бўйнига қилич солай. Бу киши мунофиқлик қилди! – деди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй умар, сен қайдан билурсан, ҳолбуки Аллоҳ Бадр кунида Бадр соҳибларига: “Хоҳлаганингизни қилингиз! Батаҳқиқ, мен сизларни мағфират қилдим!” деб хуш хабар берган бўлса, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


“Умматим! Умматим!!”
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Иброҳим” сурасидаги:
رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ فَمَن تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан” оятини ва Исо алайҳис саломнинг ушбу сўзларини тиловат қилдилар:
إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
“Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан”. (Моида. 118)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб:
“Эй Аллоҳ! Умматим!! Умматим!!!” деб йиғлаб юбордилар. Аллоҳ азза ва жалла Жаброил алайҳис саломга амр қилди:
“Эй Жаброил, Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдига бор. Раббинг билгувчироқдур. Айт: “Биз Сизни умматингиз ишида рози қилурмиз, ҳаргиз хафа қилмагаймиз!”
Салмон форсийнинг озод бўлиши
Слмон форсий разияллоҳу анҳу Бани Қурайзалик яҳудийнинг қули эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб мусулмон бўлди. Бундан ҳожаси қаттиқ ғазабланди ва унг ёмон муомала қила бошлади. Салмон разияллоҳу анҳу бу ғақд Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эди ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Салмон мукотаба қил, - дедилар. (“Мукотаба” – шартнома асосида қулликдан озод бўлиш)
Унинг ҳожаси уч юз туп хурмони экиб бериш ва қирқ уқияга шартнома қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобига:
-   Биродарингизга ёрдам қилинглар, - дедилар.
-   Саҳобалар ёрдам қила бошладилар. Кимдир ўттиз туп хурмо кўчати, яна кимдир йигирма, бошқаси имконига қараб ўн беш, ўн тупдан ёрдам қилиб уч юз туп хурмо тўпладилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-    Эй Салмон, кўчатга чуқур ковла, ўз қшлларим билан ўтқазай, - дедилар. Салмон дўстлар кўмагида кўчат учун чуқурларни ковлаб бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар. Салмон разияллоҳу анҳу кўчатларни олб келиб берди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан кўчатларни экдилар. Салмон разияллоҳу анҳу айтади:
“Салмоннинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, кўчатларнинг бирортаси ҳам нобуд бўлмади. Шундай қилиб шартномага кўра хурмо кўчатларини адо қилдим. Ўзим ҳам бир қанча маблағга эга бўлдим. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тухумдек келадиган олтин кўтариб келдилар.
-   Эй Салмон, буни ол, қолган қарзингни ҳам адо қил, - дедилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, менда бунча олтинни қайтариш имкони йўқ, - дедим.
-   Олавер буни. Аллоҳ сендан буни соқит қилгай!
Уни олдим. Кейин торттириб кўрсам, Аллоҳга қасамки, роппа-роса қирқ уқия чиқди! Мен ҳожамнинг ҳақини адо қилиб олдим”
Шундай қилиб Салмон разияллоҳу анҳу қулликдан озод бўлди.


Зиммангдаги ҳақлар
Салмон форсий дўсти абу Дардони зиёрат қилгани борди. Унинг хотини увада кийимда эди. Унинг бу ҳолат Форсийга ёқмади. Аёл бунинг сабабини айтди:
-   Абу Дардо кундузлари рўзадор юради. Кечалари ухламай намоз ўқийди. Аёлларга рағбати йўқ.
Суҳбат асносида Абу Дардо ҳам етиб келди. Хотинга меҳмонга дастурхон тайёрлашни буюрди. Овқат ҳозир бўлгач Салмонни овқатга таклиф қилиб, ўзи рўзадор эканини изҳор қилди. Форсий мезбон шерик бўлмаса ҳаргиз емаслигини айтди. Шунда рўзасини очишга мажбур бўлди ва бирга овқатланди. (Албатта, бу нафл рўза эди)
Қоронғу тушиб кеч кирди. Мезбон меҳмонни ўринга кириб ётиб дам олишга илтифот қилди. Ўзи эса кечаси бедор бўлиб намоз ўқишини айтди. Меҳмон эса бу сафар ҳам у дам олиб ётсагина ўрнига ётишини айтиб туриб олди. Меҳмоннинг айтганига қулоқ солишга мажбур бўлган Абу Дардо кириб ухлашга мажбур бўлди. Тонг отгач Абу Дардо Салмон унинг рўзасини барбод қилиб, тунни ибодатсиз ўтказишга мажбур қилганини айтиб, шикоят қилди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам оламлар Тангрисининг раҳматига ва Исломий бағрикенгликка юзланиб:
-   Эй Абу Дардо! Сенинг зиммангда Раббингнинг ҳақи ҳам бор, баданингни ҳақи ҳам, хотинингнинг ҳақи ҳам бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо қилгин!


Миқдоднинг уйланиши
Миқдод ибн Асвад Қурайшнинг бадавлат кишиларидан эди. Бир куни Абдураҳмон ибн Авф гаплашиб ўтириб сўраб қолди:
-   Нега уйланмаяпсан?
-   Қизингни берасанми? – у ҳам бунга савол берди. Абдураҳмоннинг ғазаби қўзиб кетиб, Миқдодга анча қўпол сўзлар айтиб юборди. Миқдод ундан шикоят қилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хотирини жам қилиб, таскин бериб:
-   Мен сени уйлаб қўяман, - дедилар-да амакиларининг қизи – Зубайр ибн Абдулмутталибнинг қизи Зибоъани олиб бердилар.


Қушнинг меҳрибонлиги
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби билан суҳбат қилиб ўтирган эдилар, бир кийинган киши келиб қолди. Қўлида нимадир бир нарса бўлиб у нарсани кийимига ўраб олган эди. У сўз бошлади:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен Сизни кўриб ёнингизга келдим. Мен шохлари чирмашиб кетган бир дарахтнинг олдидан ўтаётиб полапонларнинг чинқириганини эшитиб қолдим. Уларни олиб кийимимга ўраб олдим. Полапонларнинг онаси келиб бошимда айлана бошлади. Мен кийимимни очган эдим, она қуш полапонларнинг ёнига қўнди. Мен уни ҳам қўшиб ўраб олдим. Мана улар.
-   Уларни қўй-чи, - дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Йўловчи кийимни очиб, қушларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларига, ерга қўйди. Она қуш чинқирганича дарҳол болаларига интилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан сўрадилар:
-   Она қушнинг полапонларига бўлган меҳрибончилигидан ажабланяпсизларми?
-   Ҳа, - дейишди саҳобалар.
-   Мени ҳақлик билан юборган Зотга қасамки, она қушнинг полапонларига меҳрибонлигидан кўра Аллоҳ бандаларига меҳрибонроқдир. Тур, буларни олиб қайт! Буларни ва оналарини ўз ўз ўринларига қўй! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Йўловчи буйруққа итоат этиб уларни ўз жойига олиб бориб қўйди.


Раҳмат тажаллийси
Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўғли Абдуллоҳ айтади:
“Отам вафот этиб, уч кун ўтганидан кейи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларникига келдилар.
-   Бугундан кейин бу биродарим учун йиғламанглар! Менга биродаримнинг ўғилларини  чақириб юборинглар, - дедилар.
Бизлар жўжа болалардек тизилиб турдик.
– Сартарошни чақиринглар! – дедилар.
Сартарош келиб сочларимизни олди. Сўнгра бизларга енгилгина мутойиба қилиб:
-   Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакимиз Абу толибга ўхшар эди. Абдуллоҳ эса, кўринишда ва ахлоқда менга ўхшайди, - деб қўлимдан тутиб, юқори кўтардилар ва: - Эй Аллоҳ! Абдуллоҳни Жаъфарнинг ахлига ўринбосар қилгин! Унинг қасамёдига барака бергин, - деб уч бор дуо қилдилар”.
Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зотларида тажаллий қилган меҳрибонликнинг муборак кўринишларидан бири эди.


Ҳар бир жониворда ажр бордир!
Бир киши ўта ташналикка дучор бўлиб қудуқ бошига етиб борди. Ундан сув ичиб энди қайтаётган эди. Қараса – бир ит ташналикдан тиллари осилиб, нам тупроқни ялаб ётган экан. Йўловчи ўйлади: “Бунга ҳам менга етишган ташналик етибди-да!” Яна қайтиб қудуқ бошига борди. Этигини тиши билан тутиб сув тўлдирди. Кейин ўрнидан туриб бориб, итни суғорди. Аллоҳ уни мағфират қилди.
Саҳобалар сўрадилар:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бизларга ҳайвонларда ҳам ажр борми?
-   Ҳа, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: - Ҳар бир жигарли жониворда ажр бордур.


Фарзандига шафқат қилмаган...
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу болаларини ўпиб, эркалаб ўтирган эди. Шу жойда ҳозир бўлган волийларидан бири:
-   Эй мўминларнинг амири, болаларингизни ўпасизми? – деб сўраб қолди.
-   Ҳа, ўпаман, - жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Менинг ўнта болам бор. Мен уларни ҳеч ўпмаганман. Қачон уйга кирсам уларнинг овози ҳам, саси ҳам чиқмай қолади.
-   Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан меҳрибонликни олиб қўйибди-ю, мен сени чна волийликка қўйибманми?! Фарзандларига-ки, шафқат қилмаган кимса улусга шафқат қилурми?! – деб Умар разияллоҳу анҳу уни вазифасидан четлаштирди.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 29 Aprel 2017, 16:48:58
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Эҳсон ва саҳоват
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
   “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)

   Эҳсон олийжаноб зотларнинг шиорлари, табиатан меҳрибонликнинг нишонаси ва фақатгина ҳар бир нарсанинг сирру-асроридан хабардор бўлган Зот – Аллоҳ таоло томонидангина ато этилажак илоҳий илҳомдур.  Ҳақ таоло уни Ўз фазли ва карами ила вужудлардан шақоватни ўчириш, кўнгли яримларнинг бошларини силаш, инсонларлар ўзаро ҳасадлашмасдан гина-адоват ва нафларатларсиз,  ака-укадек аҳил бўлиб яшашлари учун қалбларнинг тубига жойлаб қўйгандир.
   Ислом дини таълимотларида эҳсонга тарғиб қилинади. Бун ҳақда кўплаб оятлар ва ҳадислар собит бўлган. Аллоҳ таоло садақа билан яхшиликка буюриб, инсонлар орасини ислоҳ қилишни  боғлиқ қилиб қўйган ва шундай марҳамат қилган:
   لاَّ خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِّن نَّجْوَاهُمْ إِلاَّ مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلاَحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتَغَاء مَرْضَاتِ اللّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْراً عَظِيماً
“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз”. (Нисо. 114)
Фақир ва муҳтожларга нафақа қилишликни мўминларнинг энг машҳур ва бошқалардан ажратиб тургувчи асосий сифатларидан қилиб қўйди. Бу ҳақда Анфол сурасида баён қилган:
* إ نَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ * الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُؤْمِنُونَ حَقّاً ...*
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир”. (2 – 4)
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга хабар қилганларидек, садақанинг ози ҳам, ҳатто яримта хурмо бўлса ҳам дўзах азобидан ҳимоя бўлгай.
Шубҳасизки, бу ҳадиси шарифда гарчи бизнинг назаримизда арзимас бўлса-да, садақа қилишликка ва эҳсон соҳибининг улкан ажрлар олишига тарғиб бор. Яъни айтдиларки:
“Агарчи яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланиб қолинг”.
Ва яна айтдилар:
“Сув оловни ўчирган каби садақа хатоларни ўчирур”.
Шу сабабдандурки, Ислом асрида эҳсон ва садақа соҳиблари кўпайиб кетди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, садақа ва эҳсон миннат ва мақтанчоқлик билан бўлса қабул бўлмагай.
Саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва узотнинг асҳобларининг ҳаётларидан латофатли ҳикояларни келтиришини лозим топдик.


Фақирликдан қўрқманг!
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хайру-эҳсон қилишликда инсонларнинг энг саҳоватлироғи эдилар. Онамиз Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо тўққиз минг дирҳам берган эди, ҳаммасини тақсимлаб юбордилар. Бирор нарса сўраб келганки одамнинг бирортасини ҳам қайтармасдан борини бериб юбордилар. Ҳамма нарса тугаганидан кейин яна бир киши келиб сўради.
-   Менда ҳеч нарса йўқ, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - Лекин хоҳлаган нарсангни менинг номимдан сотиб олавер. Биз уни адо қилиб қўямиз.
Умар разияллоҳу анҳу:
-   Аллоҳ қодир бўлмаган ишингизга буюрмайди-ку? – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Умар разияллоҳу анҳунинг бу сўзлари ёқмади. Буни сезган ансорий сўз қўшди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, нафақа қилаверинг! Фақирликдан қўрқманг, зеро Арш Соҳиби бор!
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва:
-   Мен шунга буюрилганман, - дедилар.


Чиройли чопон
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл тўқилган чопон олиб келди ва илтифот қилди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бу чопонни ўз қўлларим билан тўқиганман. Шуни Сизга кийдирсам, деб келдим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чопонга эҳтиёжлари бор эди. Шунинг  учун уни қабул қилиб кийиб олдилар. Сўнг саҳобаларининг олдиларига чиқдилар. Саҳобаларнинг бири ушлаб кўриб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, яхши чопон экан. Қани энди менда ҳам шундай чопон бўлса эди, - деб табриклади.
-   Ҳа, - деб қўйдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Уйга кирганларидан кейин янги чопонни ечдилар-да, тахлаб ўша саҳобийга бериб юбордилар.


Усмондан розиман
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобайи киромларнинг олдиларига чиқдилар. Уларни қўшинга ёрдам беришга тарғиб қилдилар. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна тарғиб қилдилар. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан бир поғона тушдилар ва яна тарғиб қилдилар.
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу яна:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Шунда Расули акрам Қўллари билан ишора қилиб:
-   Усмонга бундан кейин нима қилса ҳам зарари йўқ, - дедилар. Сўнг дуо қилдилар: - Эй Аллоҳ, Усмондан мен розиман, Сен ҳам рози бўл!


Яхшилик мусобақаси
Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу камбағал кекса аёлга моддий ёрдам олиб, ҳолидан хабар олгани борган эди, кампир:
-   Ҳозиргина бир киши келиб, ул-бул нарса бериб кетди, - деди.
Бошқа сафар Умар разияллоҳу анҳу яна шу кампирга ҳадялар олиб келди. Кампир яна ўша сўзни айтди. Шундан сўнг ҳазрат Умар ким экан, эҳсон қилишда мендан ўзиб кетаётган киши, деб ўша дарвозани пойлашга тушди.
Бир маҳал юзини тўсган бир киши оҳиста, пинҳона келиб, эҳсонларини бериб кетди. Умар разияллоҳу анҳу шошиб унинг ортидан эргашди. Бориб юзидан пардани олиб қараса, бу пешқадам зот – Абу Бакр разияллоҳу анҳу экан. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Аллоҳга қасамки, бу эзгуликда Сиздан бошқаси мендан ўзиб кетмаслигин билар эдим, - деди.


Ҳазрат Билолнинг озод бўлиши
Билол разияллоҳу анҳу Умайя ибн Ҳалафнинг мулкидаги қул эди. Мусулмон бўлгани учун уни Умайя қаттиқ азобларга солди. Офтобнинг энг қиздирган маҳалида беаёв азоблаётган пайтида Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Инсоният учун шармандалик бўлган бу чидаб бўлмас, нафратга муносиб манзаранинг гувоҳи бўлгач:
-   Эй Умайя! Бу мсикинни бунчалар турли азоблар билан қийнагани Аллоҳнинг азобидан қўрқмайсанми?
-   Буни бузган сен ўзингсан! Қўлингдан келса қутқариб ол! – деди Умайя.
-   Эй Умайя! Ундай бўлса, менинг бир ҳабаш қулим бор. Бундан кўра анча бақувват. У айнан сенинг динингда. Билолни ўшанга алмаштирасанми?
-   Келишдик. Ол, бу – сенга!
Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўз қулини унга топширди. Бадалига Билол разияллоҳу анҳуни қабул қилиб олди ва:
-   Саҳоватли Аллоҳнинг йўлида сен озодсан, - деди.


Аллоҳ ҳам ажабланди
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен очман, - деди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан биридан егулик сўрадилар.
-   Сизни ҳақлик билан борган Зотга қасамки, менда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, - деган жавоб бўлди. Кейин бошқа бирига бордилар. Шу жавоб. Қолган аёлларида ҳам шундан ўзга жавоб бўлмади. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Бу кишини шу кеча ким меҳмон қилади? Аллоҳ раҳм қилсин ундай кишини, - деб асҳобларига юзландилар. Ансорлардан бири ўрнидан туриб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен меҳмон қилурман! – деди. Мискин кимсани етаклаб уйига олиб борди. Хотинидан сўради:
-   Бирор егулигинг борми?
-   Йўқ, болачаларга яраша озгина егулик қолган эди, холос, - жавоб берди аёл.
-   Ундай бўлса, уларни бирор нарса билан машғул қилиб тур. Мабодо кечки овқатни емоқчи бўлиб қолсалар, ухлатиб қўй. Меҳмонимизга овқатни олиб кираётганингда чироқни ўчириб қўй. Унга ўзимизни овқатланаётгандек қилиб кўрсатамиз.
Таомни келтирдилар. Меҳмон тановул қилди. Булар иккиси ва ёш болалари ҳеч нима емасдан тонг оттирдилар. Эрталаб хонадон соҳиби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрибоқ:
-   Сизларнинг меҳмонга қилган илтифотларингиздан ҳатто Аллоҳ азза ва жалла ҳам ажабланди, - деб хушхабар бердилар.



Қарз учун гаров
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибратли сўзлари, амаллари, эҳсонлари ва меҳмондўстликлари билан бутун башариятга намуна ва ўрнак бўлганлар. Бу тўғри аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб. 21)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Рофеъ айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига меҳмон келди.
-   Фалончи яҳудийнинг уйига бориб, уйимга меҳмон келганини айт. Ражаб ойи киргунча менга ундан қарзга бериб турсин, - дедилар мега Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Яҳудийнинг олдига борсам, у:
-   Аллоҳга қасамки, гаровга бирор нарса бермаса, мен ҳам қарз бермайман, - деди. Бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу сўзларни айтдим. Ҳазрат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Аллоҳга қасамки, мен осмонда ҳам омонатдорларданман. Қарз берса, албатта адо қилмай қолмас эдим. Майли, энди бориб манави совутимни гаровга бериб кел, - дедилар”.



Қавмнинг улуғлари
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларининг бирига кирдилар. Саҳобалар ҳам шу хонадонга кирдилар. Уларнинг кўплигидан жой торлик қилиб қолди. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажилий келиб қолди. У қавмининг сўзи қайтмайдиган, обрўли кишиларидан эди. Ичкаридан унга жой етмаганидан пойгакда ўтиришига тўғри келиб қолди. Бу ҳолатни кўрган сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ридоларини ечиб унга узатдилар ва:
-   Мана бунга ўтир, - деб илтифот қилдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ муборак ридони юзларига суртиб, ўпди ва йиғлади. Сўнг Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб берди ва:
-   Менм қандай ҳурмат қилган бўлсангиз Сизни ҳам Аллоҳ ҳурмат қилсин, эй, Аллоҳнинг расули! Сизнинг кийимингизнинг устига ўтириш бизга муносиб эмас, - деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг ва сўл томонларига назар ташладилар ва:
-   Сизларнинг ҳузурларингизга қавмнинг ҳурматли кишилари келиб қолса, сизлар унинг ҳурматини жойига қўйинглар! – дедилар.


“Кийимингизни берар экансиз”
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар, бир ёш бола келди.
-   Онам Сиздан кийишга кийиб сўраб юборди, - деди.
-   Ҳадемай бирор кийим тушиб қолса бераман. Хабар олиб тур, - деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани жўнатиб юборди. Бола онасининг олдига бориб бу сўзларни айтган эди, онаси яна қайтариб жўнатди ва тайинлади:
-   Яна қайтиб бор, “Ўзингизнинг кийимингизни бўлса ҳам берар экансиз”, деб айт!
Бола Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онасининг гапини айтди. Шунда жаноб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уй ичларига кириб, устидаги кийимни ечиб чиқдилар ва болага бериб юбордилар. Ўзлари эса кийимсиз қолдилар.
Намоз вақти бўлиб Билол разияллоҳу анҳу азон айтди. Мусулмонлар намозга тўплани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб анча ўтирдилар. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кийиб чиқ кийимлар йўқлиги учун чиқа олмадилар.


Назрига вафо қилганлар
Ҳасан ва Ҳусайн бетоб бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираларини кўргани Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо билан бордилар. Ҳазрат Умар Али разияллоҳу анҳумога:
-   Ўғилчаларингни номидан назр қилсанг, тузалиб кетишар эди, - деди.
-   Хўп. Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди.
-   Мен ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Биз ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб берамиз, - дейишди.
-   Мен ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди жория.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб Ҳасан ва Ҳусайнлар тезда шифо топиб кетдилар. Хонадон аҳллари ваъдаларига мувофиқ рўза тутдилар. Ифторлик қилгани ҳеч вақо қолмаган эди. Али разияллоҳу анҳу Шамъун исмли жундан ип йигирувчи яҳудий қўшнисиникига чиқиб сўради:
-   Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизига уч соъ арпа унни эвазига ип йигириб беришга жунлардан берасанми?
-   Майли, - деди Шамъун ва жундан берди.
Али разияллоҳу анҳу Фотима разияллоҳу анҳога жун ва арпа унни олиб кирди. Фотима разияллоҳу анҳо дарҳол қабул қилди. Жундан ип йигирди. Ундан бир соъ олиб хамир қорди. Сўнг ўша хамирдан хонадон аҳлининг ҳар бирига биттадан беш дона нон ёпди. Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан фориғ бўлгач, уйига қайтди. Дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, бир мискин эшик олдига хайр-эҳсон сўраб келиб қолди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир мискин мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари сувдан бошқа нарса истеъмол қилмай оч-наҳор тонг оттирдилар.
Эртасига арпа уннинг яна бир қисмини хамир қилиб, яна кечагидек хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди. Назрларига кўра иккинчи кун рўзаларини тутдилар. Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан қайтгач, дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, яна эшик қоқилди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир етим, мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари бу кеча ҳам сувдан бошқа нарса истеъмол қилмай оч-наҳор тонг оттирдилар.
Эртасига хонадон аҳллари яна рўза тутишди. Фотима разияллоҳу анҳо жуннинг қолганини ҳам йигириб, уннинг қолганини хамир қилиб, хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди.
Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан қайтгач, дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, яна кимдир эшик қоқди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Бизни кофирлар асир қилиб олишди. Боғлаб қўйиб ҳеч нарса беришмади.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари бу кеча ҳам оч қолдилар.
Али разияллоҳу анҳу ўғилларини олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бордилар. Болалар очликдан қалтирар эди. Уларнинг ҳолларини кўриб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Абу Ҳасан, анча машаққатга дучор бўлибсиз. Юринглар, қизалоғимнинг олдига борайлик, дедилар.
Улар борсалар, Фотима разияллоҳу анҳо меҳробда дуога машғул бўлиб турган экан. Очиликдан қорни бучкайиб, кўзлари ичига кириб қолган эди. Қизининг ҳолатини кўриб:
-   Эй Худойим! Муҳаммаднинг аҳли очликдан ўлар ҳолатга етибди-ку! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатар-тугатмас, Руҳул амин ваҳий келтириб қолди. Аҳли байтнинг шаънини улуғлагувчи  оятлар нозил бўлди:

“Улар назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонликлари кенг ёйилгувчи бўлган Кундан қўрқурлар. Ва таомни яхши кўриб турсалар-да, мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): “Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг важҳи учун таомлантирурмиз. Сизлардан бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва уларга жилва, сурур баxш этди. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва ипак (либослар) билан мукофотлади”. (Инсон. 7 – 11)


Баракали маржон
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан намозни адо қилдилар. Намоздан сўнг қибла томонга ўтирдилар. Одамлар атрофга жойлашиб ўтиришди. Шу ҳолатда муҳожир араблардан бир кекса киши келди. У қариликдан ўзини зўрға тутар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳурмат билан кутиб олдилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, - сўз блошлади қария, - Мен оч қолган кимсаман, мени тўйдиринг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   Мен ҳозирда сенга бирор нарса топиб бера олмайман. Лекин яхшиликка далолат қилган киши ўшани қилган каби бўлур. Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган, уни ҳам Аллоҳ ва Унинг  Расули яхши кўрадиган, ўз нафсидан Аллоҳни устун қўядиган инсоннинг олдига бор – Фотиманинг ҳужрасига бор! – сўнг Билол разияллоҳу анҳуга юзландилар, - Тур, Билол! Бу кишини Фотиманинг уйига олиб бор!
Аъробий ҳазрат Билол билан йўлга тушди. Фотима разияллоҳу анҳонинг уйларига етганида баланд овоз билан нидо қилди:
-   Ассалому алайкум, фаришталарга тўла бўлган, Руҳул Амин Жаброил оламларнинг Раббисининг ҳузуридан нозил бўлиб келиб турадиган  нубувват хонадонининг аҳллари!
-   Ким бу? – сўради Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Мен бир кекса арабман. Узоқ юртлардан келиб башариятнинг саййиди бўлган отангнинг қабулида бўлдим. Эй Муҳаммаднинг қизи! Мен қорни оч, усти яланғоч кимсаман. Менинг кўнглимга малҳам бўл! Аллоҳ сенга раҳм қилсин!
Бу пайтда Фотима разияллоҳу анҳо, Али разияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учинчи кеча туз тотмаган эдилар. Ҳасан ва Ҳусайнлар ётадиган ошланган қўй териси бор эди. Фотима разияллоҳу анҳу ўшани берди-да:
-   Эй йўловчи, буни ол! Шоядки бирор фойдаси тегиб қолса, - деди.
-   Эй Фотима! Мен сенга очликдан шикоят қилсам, сен менга қўйнинг терисини беряпсан. Энди мен нима қиламан?
Бу сўларни эшитиб Фотима разияллоҳу анҳо бўйнидаги маржони ечиб берди:
-   Манавини олиб сотсанг, шоядки Аллоҳ сенга сўраганингдан ҳам кўра яхшироғини берса!
Аъробий маржонни олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ила ўтирган эдилар. Аъробий сўз бошлади:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Қизингиз Фотим менга манави маржонни бериб: “Манавини олиб сотсанг, шоядки Аллоҳ сенга сўраганингдан ҳам кўра яхшироғини берса”, деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар. Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу бу ҳолни кўриб сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, марваридни сотиб олишимга рухсат берурмисиз?
-   Сотиб ол, эй Аммор! Уни инсонлару жинлардан ким сотиб олса, Аллоҳ уларни дўзахда азобламас, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй аъробий, қанчага сотасан? – сўради Аммор разияллоҳу анҳу.
-   Нон ва гўшт билан қорнимни тўйғазиб очлигимни кетказишга, авратимни тўсиб Раббим учун намоз ўқишга кифоя қилгувчи ямоний чопонга  ва уйимга етиб олиш учун бир динорга сотаман, - жавоб берди аъробий.
Аммор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган жангда ўлжага олган камонини сотган, ўша пулдан боша ҳеч нарсаси йўқ эди.
-   Мен сенга йигирма динор, икки юз дирҳам ва ямоний чопонни бераман. Мана бу туямда уйингга етиб оласан. Қорнингни буғдой нон ва гўшт билан тўйдираман, - деди Аммор разияллоҳу анҳу.
-   Сен намунча саҳийлик қилмасанг?
Улар иккиси жўнаб кетишди. Аммор айтганларини адо қилди. Сўнг аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига олиб келди.
-   Қорнинг тўйиб, кийимли бўлдингми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули. Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ҳожатимни чиқардингиз.
-   Бунинг учун Фотимадан миннатдор бўл, - дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аъробий дуога қўл очди:
-   Эй Аллоҳ! Сен бизларни йўқдан бор қилган Зотсан! Сендан бошқа бизлар ибодат қилишимизга лойиқ илоҳ йўқ. Сен ҳамма нарсадан доимо хабардор Зотсан. Фотимага кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган ва инсон зотининг хаёлига келмаган неъматларингни ато айла!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг дуосига “Омин!” дедилар. Сўнг асҳобига юзланиб:
-   Аллоҳ Фотимага бу сўралган нарсаларни дунёдаёқ бериб қўйган. Инчунун, менг унинг отасиман. Ҳолбуки бу оламда мендек кимса йўқ. Али унинг турмуш ўртоғи. Агар али бўлмаса эди, Фотимага ҳеч қачон муносиб бошқа инсон бўлмас эди. Унга яна Ҳасан ва Ҳусайнни берди. Оламда уларнинг монанди йўқ. Йигитларнинг саййидлари, пайғамбарларнинг асботлари (набиралари), жаннат аҳли йигитларининг саййидлари.
Бу даврада Миқдод ибн Амр, Аммор ва Салмон разияллоҳу анҳумлар бор эди. Уларга қараб:
-   Сизларга яна зиёда қилиб берайми? – деб сўрадилар.
-   Ҳа, - дейишди.
-   Жаброил (алайҳис салом) келиб: “Қачон Фотима вафот этиб, дафн қилиниб, қабрга қўйилса “Раббинг ким?” деб сўралур. “Аллоҳ – менинг Раббим” дер. Сўнг сўралур: “Пайғамбаринг кимдур?” “Отам” деб жавоб берур”. Сизларга унинг фазилатларидан яна айтиб берайми? Аллоҳ азза ва жалла унга олд томонидан, орқа томонидан, ўнг томонидан ва чап томонидан муҳофаза қилиб тургувчи фаришталар гуруҳини вакил қилиб қўйган. У фаришталар Фотима билан ҳаётлик пайтида бирга бўлурлар. Вафот этганидан кейин қабрида унга, отасига, эрига ва ўғилларига салавотни кўпайтириб турурлар. Ким мени вафотимдан сўнг зиёрат қилса, гўёки тириклигимда зиёрат қилган каби бўлур. Ким Фотимани зиёрат қилса, гўё мени зиёрат қилгандек бўлур.
Аммор маржонни олиб унга мушки анбар суртди ва ямоний чопонига ўради. Унинг Саҳм исмли ғуломи бор эди. (“саҳм” – камоннинг ўқи). Хайбарда Амморга камон ўқи текканидан унинг исмини шундай қўйган эди. Унга айтди:
-   Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб қўй. Сен ўзинг ҳам у зотга совғасан!
Саҳм Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мржонни олиб бориб, Амморнинг сўзларини етказди.
-   Фотиманинг олдига бор. Маржонни унга қайтариб бер. Сен ўзинг ҳам Фотимага совғасан! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Саҳм Фотим разияллоҳу анҳонинг олдига бориб, маржонни топширди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказди. Фотима разияллоҳу анҳо маржонни олиб, ғуломни озод қилиб юборди. Ғулом кулди.
-   Нега куляпсан? – сўради Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Сенинг ишингга куляпман. Бу маржоннинг баракасини қара – оч қолганни тўйдирди, яланғоч қолганни кийдирди, камбағални бой қилди, бир қулни озод қилди ва яна эгасига қайтиб келди.



Аллоҳга қарз қилдим
Абдуллоҳ ибн масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
مَن ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضاً حَسَناً فَيُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُ أَجْرٌ كَرِيمٌ
“Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир” (Ҳадид. 11) ояти нозил  бўлганида Абу Даҳдоҳ ансорий сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, Аллоҳ азза ва жалла биздан қарз ирода қилурми?
-   Ҳа, эй абу Даҳдоҳ, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ундай бўлса мен Аллоҳ азза ва жаллага қўрғонимни қарз қилдим!
Унинг қўрғони олти юз туп хурмо экилган боғ эди. Унда хотини ва оиласи бор эди. Абу Даҳдоҳ боғига келиб хотинини чақирди:
-   Ҳой Умму Даҳдоҳ!
-   Лаббай! – жавоб берди хотини. Абу Даҳдоҳ айтди:
-   Чиқ бу ёққа! Мен бу боғни Аллоҳ азза ва жаллага қарз қилдим!


Абу Талҳанинг боғи
Абу Талҳа Мадина ансорларининг энг бой кишиларидан эди. Унинг энг яхши кўрган бойлиги бирҳо исмли боғи эди. Бу боғ масжиднинг рўпарасида бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув ичгани кириб турар эдилар. Қурони каримда ушбу оят нозил бўлди:
لَن تَنَالُواْ الْبِرَّ حَتَّى تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَ
“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз”. (Оли Имрон. 92)
Абу Талҳа айтди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, Раббим “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз” дейди. Менинг энг яхши кўрган молим бирҳо исмли боғимдур. Шу боғим Аллоҳ учун садақа бўлсин. Садақам Аллоҳнинг ҳузурида эзгулик ва заҳира бўлса, деб умид қиламан. Эй, Аллоҳнинг расули, буни Аллоҳ таоло Сизга қандай раво кўрса, шундай қилинг!
-   Баракалла! Бу мол ўсгувчидир! Бу мол ўсгувчидир! Мени уни яқинларингга беришингни раво кўряпман, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Хўп бўлади, эй, Аллоҳнинг расули. Шундай қилурман, - деб у қариндошларига ва амакисининг фарзандларига тақсимлаб берди.


Берганига яраша саҳоват
Жаъфар ўғли Абдуллоҳнинг бирор ҳожат сўраб келган соилни қуруқ қайтариш одати йўқ эди. У шунчалар қўли очиқ ва саҳоватпеша эдики, ҳатто уни бошқалар маломат қилишгача боришар эди. У эса: “Аллоҳ таоло мени бир ҳиссиётга одатлантириб қўйган, мен Аллоҳнинг бандаларини бир нарсага одатлантириб қўйганман – Аллоҳ менга беришига одатланиб қолганман, бандаларини беришимга одатлантириб қўйганман”, дер эди.
Имом Лайс ибн Саъддан ҳикоя қилинишича у кунига минг динор даромад қилар эди, лекин шундай бўлса-да, унга закот вожиб бўлмас эди. Чунки у топган даромадини йил давомида ушлаб турмас, балки топган сари Аллоҳ йўлида инфоқ қилиб, садақа қилиб юбораверар эди. Абдуллоҳ ҳар куни уч юз олтмиш мискинга садақа қилмасдан аввал гапирмас ҳам эди.
Кунларнинг бирида бир аёл келиб, ундан озроқ асал беришини сўради. Абдуллоҳ ибн Жаъфар унга меши билан бериб юборди. Буни кўрганлар айтишди:
-   Бу аёлга озгина берсанг ҳам кифоя қилур эди.
-   Аёл ўзининг ҳожатга яраша сўради, биз эса Аллоҳ берган неъматга яраша эҳсон қилдик! – жавоб берди Абдуллоҳ ибн Жаъфар.



Ўн баробар фойда
Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифалик даврида одамларга қаҳатчилик етди. Машаққат ҳаддан зиёда бўлгач ҳазрат абу Бакрнинг ҳузурига келишди:
-   Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Осмондан қатра ҳам тушмаяпти, ердан гиёҳ унмаяпти, инсонлар ҳалок бўлишяпти. Энди нима қилурсиз?
-   Боринглар, сабр қилиб туринглар. Умид қилурманки, Аллоҳ таоло сизларга енгиллик бергунга қадар, талофат етказмагай, - жавоб берди халифа.
Кун охирида Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга Шомдан карвон келгани ҳақида хабар тарқаб қолди. Карвон етиб келганда одамлар уни кутиб олгани пешвоз чиқишди. Қарасалар мингта туяга буғдой, зайтун ва майиз юкланган экан. Туялар Усмон разияллоҳу анҳунинг дарвозасига тўхтади. Юкларни уйга олиб кирганларидан кейин савдогарлар келишди.
-   Нима хоҳлайсизлар? – сўради Усмон разияллоҳу анҳу.
-   Ўзинг биласан, нимани хоҳлашимизни. Сенга етиб келган ушбу моллардан бизларга сот. Биласан, одамлар шуларга зориқиб турибди, - жавоб беришди савдогарлар.
-   Марҳамат, хуш келибсизлар. Молимга қанчадан тўлайсизлар?
-   Бир дирҳамига икки дирҳамдан.
-   Бундан ортиқроғига харидор бор.
-   Тўрт баробарига сотасанми?
-   Ундан ҳам зиёда.
-   Беш баробаригами?
-   Ундан ҳам зиёда.
-   Эй Абу Амр! Мадинада биздан кўра пешроқ савдогар йўқ. Ҳеч ким биз бергандан кўра ортиқроқ бера олмайди! Сенга харидор бўлган ким ўзи?
-   Менга Аллоҳ таоло ўн баробарини беради. Сизлар ундан ҳам ортиқ бера олурмисиз?
-   Йўқ, - дейишди савдогарлар.
-   Аллоҳни гувоҳ қилиб айтурманки, менга келган ушбу молларнинг барчасини Аллоҳнинг йўлида фақир ва мискин мусулмонларга садақа қилдим! – деб Усмон разияллоҳу анҳу барча молларини инфоқ қилиб юборди.



Ажрлар зое бўлмагай
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг хонадонига ўнта олим кишилар меҳмон бўлиб келиб қолишди. Аксига олгандек меҳмонга қўйгани ҳеч нарса қолмаган, уйида биргина доимий ффодаланиб турган отидан бошқа матоси ҳам йўқ эди. Ўша биргина отни сўйиб, гўштини пишириб, меҳмонларга тортиқ қилди. Бу ҳолни кўрган хотини нолиди:
-   Бисотингизда шугина отдан бошқа нарсангиз йўқ бўлса, нима қилар эдингиз буни сўйиб?
Бу сўзлардан ранжиган Абдуллоҳ уйига кириб кетди. Уй анжомларида маҳрга яраша топиб чиқди-да, уни хотинига бериб, ўша заҳоти талоқ қўйиб:
-   Меҳмон кутишни ёқтирмайдиган аёл менга хотин бўлишга ярамайди! – деди.
Орадан бир неч кун ўтгач, бир киши келиб унга сўз қотди:
-   Эй мўминларнинг имоми! Менинг бир қизим бор. Онаси вафот этган эди, унинг фироқида кйимларини йиртиб йиғлаб, ғам андуҳга чўкиб қолди. Бугун у Сизнинг мажлисингизга келмоқчи эди. Унга бир оз тасалли берсангиз, шоядки, қалби ором топса.
Илм мажлиси бўлиб, минбарга чиққанида ўша сўралган мавзуга ҳам тўхталиб ўтди. Қиз уйига қайтгач отасига айтди:
-   Отажон, мен энди тавба қилдим. Энди Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ундай ишларни қилмайман. Лекин бир илтимосим бор.
-   Қандай илтимос?
-   Сиз менга: “Дунёнинг йигитлари қўлингни сўрашяпти. Бадавлат кимсалар ҳам сенинг ишқингда” дер эдингиз. Аллоҳни гувоҳ қилиб айтурманки, мени абдуллоҳ ибн муборак сингари кишига берсангиз турмушга чиқаман. Агарчи бизларда дунё бўлса, унда дин бордир.
Отаси қизининг таклифини қабул қилиб, Абдуллоҳа узатди. Унга сеп қилиб жуда ҳам кўп мол-дунё қўшиб берди. Бундан ташқари куёв учун ўнта от ҳам қўшиб берди.
Бир кун Абдуллоҳ ибн Муборак туш кўрди. Унга бир нидо келди:
“Сен Бизнинг розилигимиз учун кекса аёлдан кечган бўлсанг, Биз сенга бокирасини ато қилдик. Бизнинг розилигимиз учун битта отингни сўйган бўлсанг, Биз сенга ўнта от ато қилдик. Билиб қўйгинки, Бизнинг ҳузуримизда яхшилик ўн баробар қилиб қайтарилур. Бу дунёда яхшилик қилгувчиларнинг ажрлари зое бўлмагай. Улар зарар ҳам кўрмагайлар!”



Бир жуфт пойафзал
Шоир Муслим ибн Валид ҳикоя қилади:
“Уйимнинг рўпарасидаги чодиримда ўтирган эдим. Менга таниш бўлган бир киши ўтиб қолди. Ўрнимдан туриб унга салом бердим. Уни меҳмон қилиш ниятида етаклаб уйимга олиб кирдим. Ўша пайтда на бирор дирҳам, на бирор сариқ чақа йўқ эди. Бор нарсам бир жуфт оёқ пойафзалим эди. Жориямга уни бериб, танишларимнинг олдига юбордим. Уни тўққиз дирҳамга сотиб, пулига ўзим тайинлаганимдек нон билан гўшт олиб келди. Меҳмон билан овқатдан тановул қилиб ўтирган эдик, эшик таққиллаб қолди. Эшикнинг тирқишидан қарадим. Бир киши сўради:
-   Бу фалончининг уйими?
Мен эшикни очиб ташқарига чиқдим.
-   Сен Муслим ибн Валидмисан? – сўради у киши.
-   Ҳа, - дедим ва меҳмоним борлигини изҳор қилдим. У мактуб олиб изоҳ берди:
-   Бу амир Зайд ибн Мазиддан. Бунда шундай ёзилган: “Шоядки бизга ташриф буюрсангиз, деб ўн минг дирҳам юборяпмиз”.
Мен уни ҳам уйга таклиф қилдим. Мева-чева харид қилдим. Овқатни яна зиёда қилдим. Бирга ўтириб таомландик. Меҳмонга бола-чақасига ул-бул нарса сотиб олиши учун озроқ ҳадя ҳам бердим. Кейин Зайднинг дарвозаси томон йўл олдик. У ҳаммомда экан. Ҳаммомдан чиққач, менга киришга изн берди. Кирсам қўлида тароқ, соқолини тараб ўтирган экан. Салом бердим. У ҳам чиройли суратда алик олди.
-   Нега кеч қолдинг? – сўради.
-   Қасида ёзаётган эдим.
-   Нега чорлаганимни биласанми?
-   Билмайман.
-   Ўтган кеча Рашиднинг ҳузурида бўлган эдим. У мендан: “Эй Зайд, сен ҳақингдаги:
Халифадан сўрагин Бани Музор шамширин,
Жонларга ва қонларга ўт ёққан бирин-бирин.
Ҳақ йўлида букилмас, адолатдир шиори,
Халқи яшар фаровон, обод бўлур диёри!
деб битилган байтларни ким ёзган?” деб сўраб қолди. Мен: “Аллоҳга қасамки, эй мўминларнинг амири, бундан хабарим йўқ”, десам, халифа: “Шундай байтлар ёзадиган одам бўлади-ю, сен уни билмайсанми?” деди. Суриштириб кўрсам, уни сен ёзган эмишсан. Тайёргарлигингни кўр, халифанинг олдига борамиз!
Шундай қилиб, халифанинг олдига бордик. У киришимизга рухсат берди. Кириб салом бердик. Саломимизга жавоб қайтарди. Ёзган шеърларимдан ўқиб бердим. Менга икки юз дирҳам беришларини буюрди. Кейин Зайд ҳам бир юз тўқсон минг дирҳам берди ва:
-   Ҳадя қилишда мўминларнинг амирига тенглашишимиз одобдан бўлмайди, - деди”.
Аллоҳ таолонинг карамини кўрингки, бор-йўғи бир жуфт пойафзалини сотиб,  эвазига бир меҳмоннинг кўнглини олган кишига шунча марҳамат қилди. Ҳақиқатан Аллоҳ таоло фазли улуғ, яхшилик қилгуа\вчиларга марҳамати кенг бўлган улуғ Зотдир!

   Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 13 Iyun 2017, 10:10:02
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Ота-онага яхшилик қилиш
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага ... яхшилик қилинглар”. (Нисо. 36)
   Шубҳасизки, ота-оналар фарзандларнинг дунёга келишининг асосий сабабчиларидир. Улар фарзандининг роҳати учун бор-йўғини нисор айлагайлар. Фарзандларининг бахту-саодати ва фароғатлари учун бор-будини фидо қилурлар. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло марҳамат қилади:
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага ... яхшилик қилинглар”. (Нисо. 36)
Аллоҳ таолога биндалик вазфасини адо қилишлик  аҳдга вафо, борига ризо, йўғига сабр, шариат чегараларига риоя ва ота-онага эзгулик қилиш билан камолотига етади. Киши ота-онага эзгулик қилар экан, дунёда салоҳиятлик инсонлардан, охиратда нажот топганлардан, қиёмат куни маҳшаргоҳда Тангри таолонинг Аршининг соясида солиҳ инсонлар қаторида бўлур. Шунингдек, ота-онасига оқ юўлган кимсаларга Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло қаттиқ азобларни тайёрлаб қўйган.
Ота-онага оқ бўлишлик улкан мусибатдир. Ва, айниқса ўз фарзандларидан азоб ва уқубат тортишлик яна ҳам оғирроқдир. ота-онасига оқ бўлганлар агарчи бутун дунё мулкига молик бўлганда, Аллоҳ азза ва жалла барча савоб амалларини бекор қилиб юборур. Ота-оналарига эзгулик қилган инсонлар эса, тавфиқда бўлурлар ва Аллоҳ таолонинг розилигига етишурлар.
Маъмун айиади: “Ота-онага эзгулик қилишда Яҳёнинг ўғли Фазлдан кўра афзалроғини кўрмадим. У ота-онасига шунчалик меҳрибон эдики, отаси билан қамоқда з\ўтирган пайтида ҳам отаси ҳеч қачон совуқ сувда тағорат олмаган, ҳар қандай шароитда ҳам сув иситишга чора топар эди. Совуқ тушиб қолган кечада соқчилар сув иситиш учун ўтин олиб киришга рухсат бермади. Шунда Яҳё уйқуга кетганидан сўнг Фазл доимо сув иситиб юрган мис идишни олди-да, машъала ёнига бориб отаси уйқудан уйғонгунча қўлидан туширмай машъалага тутиб турди”.
Қуйида ота-онасига эзгулик қилганларга қандай мукофотлар берилгани ва оқ бўлганлар қандай қарғишларга қолганлари ҳақида ҳикоялар келтирамиз, иншооллоҳ.


Ота-онанг ҳузурига бор!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб, душманлар билан қитол қилишга байъат қилмоқчи бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
-   Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули! Улар иккаласи ҳам ҳаётлар, - жавоб берди у киши.
-   Ота-онангнинг ҳузурларига бор! Уларга яхши ҳамроҳлик қил! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шунда у киши ота-онасининг ҳузурларига қайтиб борди. Ота-онасининг қалби сурурга тўлда. Ўғлининг фироғида тўкаётган ёшлари ариди. Юзларида табассум жилва қилди.
Бу билан Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсоният учун ота-онага яхшилик қилиш ҳатто душманга қарши бориб жидду-жаҳд қилгандан-да афзалроқ эканини намоён қилдилар.


Мусъаб ибн Умайр
Мусъаб ибн Умайр разияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида етмиш кишига бошчиликда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мулоқотда бўлиш учунйўлга тушди. Улар иккинчи Ақаба байъатини қилганлар эди. Маккага етиб келган заҳотлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб,  ўзинниг ишлари ва Мадина халқининг аҳволларидан айтиб берди.
Унинг Маккага етиб келганининг хабари онасига етиб борди. Келибоқ, энг аввал онасига учрамаганидан онасининг юраги сиқилди. Ўғлини тезда ҳузурига чорлатди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнин хизматларидан фориғ бўлганидан кейингина онасининг олдига борди. Нима учун бундай қилганининг сабибини сўради.
-   Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан аввал ҳеч ким билан учрашмайман! – жавоб берди Мусъаб.
-   Нима, сен динингдан воз кечдингми? – сўради онаси.
-   Йўқ! Аксинча, мен Аллоҳнинг ва Расулининг динидаман!
-   Ҳали Ҳабашистонга, ҳали Ясрибга ҳижрат қилиб ўлар ҳолатга етмадингми?!
-   Мен асло қийналмадим. Фақат, динимни сақлаш учун сизларнинг озор ва жафоларингиздан қочдим.
Онасининг жаҳли чиқиб, аввалги одатига кўра ўғлини қамаб қўймоқчи бўлди. Ўғли ҳам қатъий жавоб айтди:
-   Ким менга яқинлашса, албатта ўлдирурман!
-    Онаси бу ҳолатни кўриб йиғлашга тушди. Шунда Мусъаб ибн Умайр онасини юпата бошлади:
-   Эй онажон! Менинг диним шундай динки, бизда ота-онага яхшилик қилишга буюрилади. Улар билан дунёда яхши муомалад бўлишга чорланади. Лекин куфр ишларида итоат қилинмайди. Эй онажон! Мен сизга жуда ҳам меҳрибонман. Аввалги одатларни ташланг! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беринг! Шу йўл энг очиқ ҳақиқат йўлидир. Дунё ишлари ва охират салоҳияти ҳам, Аллоҳнинг розилиги ҳам шундадир!
Лекин, афсуски, онаси жаҳолатда эди. Ўғлининг сўзларини қабул қилмади. Ҳатто мусулмонларга қарши Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этди.


Бижод соҳиби
Жоҳилият даврида бир боланинг отаси вафот эди. Бола улғайиб, камолотга етгунча унинг амакиси ўз қарамоғига олди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик келганда бола амакисига айтди:
-   Эй амакижон, рухсат берсангиз Муҳаммаднинг олдига борасам.
-   Аллоҳга қасамки, унинг олдига борсанг сени ҳамма нарсадан маҳрум қилурман! Ҳатто устингдаги кийимингни ҳам ечиб оламан! – деди амакиси.
-   Эй амакижон, хоҳлаганингизни қилинг, мен барибир унинг олдига бормай қўймайман! – деди бола.
Амакиси айтганидек қилиб уни  ҳамма нарсадан маҳрум қилди. Ҳатто устидаги кийимларин ҳам тўла ечиб олди. У онасидан туғилган каби яланғоч қолди. Онаси унинг бу ҳолатини кўриб, қалби ларзага келди. Ўзи ораб олган бижод (йўл-йўл кийим) бор эди. Ўшани иккига бўлиб, ярмини ўғлининг устига ўраб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларгиа борди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайтда мушриклар билан жангда эдилар. Бола жангги кирди ва ўша жангда мардонавор жон таслим қилди. “Бижод соҳиби” номини олди.



Ўғлига оқ бўлган ота
Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига бир киши ўғлини етаклаб келиб арз қилди:
-   Эй мўминларнинг амири, мен мана бу ўғлимни оқ қилдим!
-   Ҳой йигит, ота-онангдан оқ бўлсанг, Аллоҳнинг азобига қолишдан қўрқмайсанми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй мўминларнинг амири, боланниг ҳам ота-онадан ҳақлари борми? – сўради ўғил.
-   Бор. Аввало туғилажак фарзанд учун яхши онани танлаш керак. Болага чиройли исм қўйиш ва Аллоҳнинг Китобини ўргатиш лозим.
-   Аллоҳга қасамки, менга онанниг покдомонини танламаган! Балки бир канизакни сотиб олиб, ўшанга уйланган. Исмимни ҳам чиройли қўймаган. Менга Жуал (“гўнг қўнғизи”) деб исм қўйган. Аллоҳнинг Китобидан бирорта ҳам оят ўргатмаган.
Умар разияллоҳу анҳу отага юзланди:
-   Ўғлимни оқ қилдим, дейсан! Сен оқ қилгунингча ўғлинг сени оқ қилиб юборган экан-у! Тур, йўқол олдимдан!!!



Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнин ҳузурларига келиб, отаси унинг молини олиб, қайтиб бермаётганидан шикоят қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отани чақиртирдилар. Ота мункиллаб қолган қария эди, ҳассасига суяниб келди. Ундан нима гап эканлигини сўрадилар. Ота жавоб берди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Болам заиф, мен эса бақувват эдим. Болам фақир, мен эса бой эдим. Мен ундан боримни аямадаим. Натижада бугунги кунга келиб мен заиф, у эса бақувват, мен фақир, у эса бой бўлди. Лекин у менга  бахиллик қилди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар ва:
-   Ҳеч бир тош ёки кесак йўқки, бу сўзни эшитиб йиғламаса! – сўнг болага юзландилар: - Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир! Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир!!


“Онамнинг қабри”
Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан йўлга чиқдилар. Йўл юриб бир қабр бошига етганларида асҳобига ўтиришни буюрдилар. Барчаси жойлашиб ўтиришди. Сўнг ўзлари аста қадам ташлаб қабрга яқин ўтириб олиб узоқ муножот қилдилар. Кейин овозини чиқариб йиғлай бошладилар. Бизлар ҳам йиғладик. Кейин эса саҳобалар томон юзландилар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Нима нарсадирки, Сизни йиғлатди, Сизни кўриб биз ҳам йиғладик ва қўрқиб кетдик?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутдилар. Кейин саҳобаларга имо қилдилар. Улар ҳам яқин бўлишди.
-   Менинг йиғлашимдан қўрқдиларингизми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Саҳобалар жавоб беришди:
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули!
Икки ёки уч бора шундай деб сўраганларидан кейин баён қилдилар:
Мен муножот қилганимни сизлар кўриб турган ушбу қабр менинг онам – Омина бинти Ваҳбнинг қабри. Раббимдан шу қабрини зиёрат қилишга изн сўраган эдим, изн берди.


Алқама
Алқама разияллоҳу анҳу саҳобаларниг ичиди энг салоҳиятлиларидан эди. Унга охират диёрига риҳлат қилиш вақти етиб, жон ҳалқумига келганида ҳар қандай сўзларни айта олар эди, фақат шаҳодат калимасига тили келмай қолган эди. Унинг аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб бу ҳолатни айтишди.
-   Унинг ота-онаси борми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Отаси ўтиб кетган, онаси ҳаёт, фалаж бўлиб қолган, - дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумога тайинладилар:
-   Эй Билол, эй Аммор! Алқаманинг онасининг олдига бориб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизни чорлаяптилар. Агар имконингиз бўлса борар экансиз. Бўлмаса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари келар экан” деб айтинглар.
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо Алқаманинг онасининг олдига бориб хабарни етказишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чорловларини эшитган онаизор йиғлаб юборди:
-   Ота-нам Сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг расули! Сиз менинг олдимга келишингиздан кўра мен Сизнинг олдингизга боришим муносиброқ! – деб, ўзи фалаж бўлса-да, йўлга чиқди.
У етиб боргач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Эй Алқаманинг онаси, Алқама қандай?
-   У яхшиликда. Намозлар ўқийди, рўзалар тутади, ғанимат ўлжага эга бўлади, - жавоб берди она.
-   Сизга нисбатан қандай ҳолатда?
-   Мен ундан қаттиқ хафаман!
-   Нима учун?
-   У хотини мендан устун қўяди!
Бу сўзлардан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандидан рози қилиш ва Алқамани дўзах азобидан сақлаб қолиш учун онанинг қалбида раҳм-шафқат қўзғатиб қўйишни хоҳлаб қолдилар.
-   Эй Било, эй Аммор! Боринглар, ўтин олиб келинглар! – дедилар.
-   Нима учун, эй, Аллоҳнинг расули? – сўради она.
-   Алқама охиратда куёмаслиги учун шу дунёдаёқ ёқиб юбормоқчиман! – жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Боламни, жигаргўшамни кўз олдимда ёқиб юборурмисиз?..
-   Ё рози бўлурсиз, ёки ёқиб юборишга буюраман!
Шунда Алқаманинг онаси қалбининг тубидан дод солиб юборди:
-   Эй Аллоҳ! Сени гувоҳ қиламан! Эй, Аллоҳнинг ердаги расули! Сизни гувоҳ қиламан! Шу ерда турганларнинг ҳаммасини гувоҳ қилиб айтарман – мен Алқамадан розиман!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:
-   Эй Билол! Эй Аммор! Алқаманинг олдига бориб қулоқ солинглар-чи, тили имон калималарига келдимикин? Балки унинг онаси қалбидан эмас, балки тилидангина айтгандир?
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо борсалар Алқама имон калималарини равон айтаётган ва охирги нафасларида экан...
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, унинг жанозасига бордилар. Қабрига ҳам бориб насиҳат қилдилар:
-   Эй инсонлар! Кимки хотинини онасидан устун қўйса ёки онасига ғазаб қилса, қиёмат кунигача унга Аллоҳнинг лаънати бўлур!


Оқпадар
Асмаъий айтади:
-   Менга бир аъробий шундай деб айтиб берган эди: “Маҳалламдан чиқиб бошқа маҳаллаларни айландим. Бир жойга борсам, бир кекса қария бўйнида арқон, туя ҳам кўтара олмайдиган оғир челакни илиб олган. Айни пешин пайти, кун беаёв қиздирган маҳал. Орқасида бир йигит қўлида қамчи билан савалаб турибди. Арқоннинг кучидан елкалари шилиниб кетган.
-   Ҳой йигит! Шундай нотавон кексага озор беришга Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Унга арқондан етган озор етмасмики, устига-устак калтаклаяпсан?! – дедим
-   Бунинг устига у менинг отам бўлади, - бамайлихотир жавоб берди йигит.
-   Ундай бўлса Аллоҳ сенга ҳаргиз яхшилкни раво кўмагай!
-   Шошилма! – деди йигит, - У отасига шундай муомала қилган, отаси ҳам бунинг бобосига шундай қилган! бунинг жазоси шу!
-   Бу ҳақиқатан оқпадарларнинг ҳам оқпадарроғи экан, дедим”.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 24 Iyun 2017, 09:58:19
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Ҳурфикрлик
   Ислом динида инсон шахсига ҳурмат бағоят юқори даражага кўтарилганлигининг бир намунаси ҳурфикрликдир. Ҳолбуки, ҳурфикрлик инсон эркинликларининг асли ва энг Ислом динини воқеликда баланд қилиб тургувчи энг муҳим устунлардан бири эрур.
Ислом таълимотларида ҳурфикрли икки қисм бўлади:
биринчиси ҳақиқат узра намоён бўлган ва ҳар бир шахс учун муҳим бўлган фикрлар;
иккинчиси эса Ислом дин ва бутун мусулмонлар жамоати учун муҳим, ҳал қилиниши лозим бўлган ва турли хатарларни ва хатарли оқибатларнинг олдини олиш учун зарур бўлган жамоатчилик фикри. Бунинг натижаси инсонларни тўғри йўлга далолат қилиш ва бахту-саодатга етишишлари учун чора ва тадбирлар кўриш бўлади.
Саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Қай бирингиз мункар ишни кўрса уни қўли билан тўғриласин. Кучи етмаса тили билан. Унга ҳам кучи етмаса қалби билан (инкор қилсин). Бу эса имоннинг заифлигидир” деганлар.


Умар хато қилди
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу масжидда аёлларнинг маҳрини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига берилган берилган маҳрлардан ошириб юбормаслик ҳақида ўз фикрини баён қилди. Шу маҳал бир аёл баланд овоз билан халифанинг сўзига хилоф фикр билдирди. Бутун жамоат жим бўлиб қолди. Аёл эса аниқ ва равшан далиллар ила халифанинг хатосини ва ўз сўзининг тўғрилигини исботлаб берди. Унинг аниқ далилларига ҳеч ким эътироз билдира олмади. Балки тўғри айтилган  ҳур фикрга барча итоат қилди. Умар разияллоҳу анҳу эса аёлнинг ҳақ ва ўзининг ноҳақ эканлигини билганидан кейин машҳур сўзини айтди:
-   Аёл тўғри айтди, Умар эса хато қилди.


Сўзла, қулоқ солурмиз!
Умар ибн Хаттоб халифалик даврида мусулмон оммасидан бири бўлган Салмон Форсий разияллоҳу анҳу масжид тўла одамлар орасида, уни тзхтатиб қўйди. Ҳақ сўзни эса ҳеч ким инкор эта олмади.
Форс ерлари фатҳ этилиб, ўлжалар тақсим қилинганидан кейин умар разияллоҳу анҳу одамларга қараб:
-   Эй инсонлар, қулоқ солинглар ва итоат этинглар! – деди.
-   Эй мўминларнинг амири! Қулоқ солиш ҳам, итоат этиш ҳам бўлмайди! – деди.
-   Эй биродарим, нима учун? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Чунки сен ўлжадан бизларга биттадан кийим бердинг. Ўзинг эса иккита кийиб олибсан!
-   Эй Абдуллоҳ! Тур, гувоҳлик бер! – деди халифа ўғлига юзланиб. Абдуллоҳ ўрнидан турди ва ойдинлик киритди:
-   Отам кийиб олган иккинчи кийим меники!
-   Ундай бўлса, сўзла, биз қулоқ соламиз! – деди Салфон Форсий разияллоҳу анҳу.


Ҳақ сўзга журъат
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифаликни қабул қилар экан:
-   Ким менда бирор нотўғриликни кўрса тўғрилаб қўйсин, - деди.
Бу сўзни эшитиб одамлар ичида анчагина обрўга эга бўлган, сўзига ҳамма қулоқ соладиган бир киши ўрнидан турди ва:
-   Аллоҳга қасамки, агар сендан бирор ҳақсизликни кўриб қолсак, уни қиличнинг тиғи билан тўғрилаб қўйгаймиз! – деди. Умар разияллоҳу анҳу хурсанд бўлиб:
-   Аллоҳга ҳамдлар айтурманки, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматидан Умарни қиличнинг тиғи билан тўғрилаб қўйгувчи инсонни чиқариб қўйибди! – деди.


Саъд ва Абу Жаҳл
Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳу Маккага умра учун келиб, илгари дўсти бўлган Умайя ибн салафнинг хонадонига тушди. Чунки Умайя қачон савдо ишлари билан Шом шаҳрига борса, қайтишда албатта Мадинага кириб Саъднинг хонадонига тушар эди. Саъднинг мусулмон бўлиши ва тавоф учун азм қилганини эшитиб унинг юраги сиқилди ва Маккада Саъдга мушриклардан бирор хавф етишини ўйлаб қаттиқ ташвишланди. Шунинг учун кун оғиб одамлар сийраклашганда кўчага чиқишни тавсия қилди.
Саъд Каъбани тавоф қилар экан абу Жаҳл келиб сўраб қолди:
-   Ким бу – Каъбани хотиржам тавоф қилаётган?!
-   Мен – Саъдман! – жавоб берди Саъд.
-   Сенлар Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг асҳобига ўз юртларингдан паноҳ бериб, энди ўзинг бемалол, хотиржам тавоф қилгани келдингми?!
-   Ҳа!
Мккаласи сўкиниша бошлашди. Шунда Умайя ўртага тушди:
-   Абу Ҳакамга овозингни кўтарма! У водий аҳлининг саййиди бўлади!
-   Аллоҳга қасамки, агар менинг йўлимни тўссанг, Шомдан қайтаётган карвонингнинг йўлини тўсиб оламан! – деди Саъд.


Аллоҳнинг душмани
Кунларнинг бирида Абу Жаҳл бир тўда одамларнинг олидидан ўтиб қолди. Улар бир озғингина, бўйлари ҳам пасттаккина бўлган бир инсоннинг атрофида давра бўлиб олишган эди. Бу нимжон йигит Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бўлиб, у гўзал овозда гўзал Каломни тиловат қилар эди:
 وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَاماً
“Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир”. (Фурқон. 63)
Куфр ва ширкнинг боши бўлган Абу Жаҳл дарҳол Абдуллоҳга қарши чиқиб уни тўхтатиб қолиш учун уринди ва дарғазаб бўлиб, жаҳллари чиқиб:
-   Ҳой, қуриб кетгур ибн Масъуд! Ҳой Умму Абдининг ўғли! Токайгача бизларнинг иттифоқчилигимиз ва  аҳллигимизга раҳна соласан?! Мен сени яхшилаб адабингни бериб қўймасам, ҳали-бери тийилмайсан шекилли! – деб камон билан уриб, бошини ёрди.
Абдуллоҳ эса ўта вазминлик ва оғир-босиқлик билан, ҳаммани лол қолдирадиган даражада шижоат билан Абу Жаҳлнинг кўкрагига бир мушт тушириб, юзига тарсаки тортиб юборди. Абу Жаҳл бақириб юборди:
-   Ҳой, қўй боқар! Сен энди мендан қутула олмайсан!
-   Ҳой Аллоҳнинг душмани! Сен ҳам бу қилган ишинг учун қутула олмай қоласан! – жавоб қайтарди Абдуллоҳ.
Кунлар ўтди. Бу икки хусуматчилар Бадр жангигача учрашмадилар. Ўша куни Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Бар жангида қатл бўлганлар орасини айланиб юрар экан, уларнинг орасидан Абу Жаҳлни топиб олди. Унга анча  вақт қараб турди. Сўнг кўкрагига тиззасини қўйиб чўккалади ва:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Аллоҳ сени хор қилипти-ку! – деди.
-   Бу сенмисан, ҳой қўй боқар? Сен ҳам юқори мақомларга чиқиб олибсан-да?!
-   Мана энди мусулмонларга қилган разилликларинг эвазига Аллоҳ сени хор қилибди! Мана, энди дунё азобини тотиб кўр! Ҳолбуки, охират азоби яна ҳам қаттиқроқ ва улкан азоблар бордир! – деб қиличини солди.



Уч хатога бир хато
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қоронғу кечаларнинг бирида ёлғиз ўзи юрт айланиб чиққан эди, бир уйдан чироқ нури кўриниб қолди. Яқинроқ борган эди одамларнинг овозлари эшитилди. Мўралаб қараса, бир ҳабаш банда ароқ ичиб ўтирибди. Атрофида бир неча улфатлари. Эшикдан кирмоқчи эди, маҳкам беркитилганидан киришнинг иложи бўлмади. Ноилож томдан ошиб тушишга тўғри келди. Қўлида қамчи билан ҳовлига кириб олди. Ўтирганлар уни кўриб, дарҳол ўринларидан туриб, қўрқиб кетган ҳолда уй эшигини очишди. Халифа кирибоқ, ҳабашни тутди.
-   Эй мўминларнинг амири, хато қилдим! Энди тавба қилдим, тавбамни қабул қилинг! – илтижо қилди ҳабаш.
-   Қилган хатойинг учун сенга дарра урурман! Деди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй мўминларнинг амири! Мен биргина хато қилган бўлсам, Сиз учта хато қилдингиз. Аллоҳ таоло: وَلَا تَجَسَّسُوا    “Жосуслик қилманглар” деган. Сиз жосуслик қилдингиз. Ва яна: وَأْتُواْ الْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَابِهَا   “Ва уйларга эшикларидан киринг” деган. Сиз томдан ошиб кирдингиз.  لَا تَدْخُلُوا بُيُوتاً غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُواوَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا     “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг” деган. Сиз эса изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдингиз. Менинг битта хатойимга шу учта хатони бадал қила қолинг. Боз устига мен энди бу ишни қайта қилмасликка тавба қилдим.
Умар разияллоҳу анҳу унинг бу сўзига таҳсин айтди ва уни жазодан озод қилди.


Ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил
Халифа Ҳорун ар Рашиднинг ҳузурига бир зоҳид келиб:
-   Эй мўминларнинг амири, мен Сизга ваъз қилмоқчиман. Бир оз қаттиқроқ гапираман. Қабул қила олурмисиз?
-   Йўқ! Қабул қилмайман! – жавоб берди халифа.
-   Сиз мўинларнинг амири бўла туриб ваъз-насиҳат эшитиш ва Аллоҳни эслатишни ёмон кўрурмисиз?
-   Йўқ, лекин Аллоҳ таоло сендан кўра яхшироқ инсонни, яъни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни мендан кўра ёмонроқ кимсаларга, яъни Қурайш мушрикларига юбориб: ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ     “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил” деган, - жавоб берди Ҳорун ар Рашид.



Исломга нуқсон етсинми?!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дорул бақога риҳлат қилганларидан кейин айрим имони заифлар Исломнинг асосий устунларидан бўлган фарзни – закотни инкор қилишганида халифа Абу Бакр разияллоҳу анҳу тенгсиз ҳиммат ва шижоат билан уларга уруш очди. Абу Ражо Басрий айтади: “Бир тўп жамоатни кўрдим. Бир киши бошқа бир кишининг бошини ўпиб:
-   Жоним Сизга фидо бўлсин, Сиз бўлмаганингизда ҳалок бўлар эканмиз! – дер эди. Мен бу иккала инсон кимлигини сўрадим.
-   Бу Умар ибн Хаттоб. Абу Бакрнинг бошини ўпиб турибди. Рудда аҳли закотдан бош тортишганларида уларга қарши уруш очган. Шундагина улар закотни адо қилишга мажбур бўлганлар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу баланд овоз билан таъкидлаб:
-   Аллоҳга қасамки, агар улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида бериши лозим бўлган туянинг бир арқонини беришдан бош тортсалар ҳам уларга уруш очар эдим! – деганида Умар разияллоҳу анҳу бу сўзлардан ташвишланиб, халифани бир оз тинчлантишга уринган эди. Шунда Абу Бакр ҳақиқат ҳайқириғи билан:
-   Эй Хаттобнинг ўғли! Мен сенинг ёрдам беришингни умид қилсам, мени ёрдамсиз ташлаб кетгани келдингми?! Жоҳилиятда мартаба соҳиби бўлган инсон, Исломда хор бўлиб қолингми?! Билиб қўй! Ваҳий тўхтаган, Ислом камолига етган! Мен тирик бўлсам-у, унга нуқсон етсинми?!



Мен яхшироқман!
Омир ибн Туфайл ва Зайд разияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб, Мадинанинг меваларида улуш сўрадилар. Усайд ибн Ҳузайр найзасини уларнинг бошлари узра айлантитиб:
-   Ҳой тулкилар! Қани, чиқларинг бу ердан! – деди.
-   Сен кимсан? – сўради Омир.
-   Усайд ибн Ҳузайрман! – жавоб берди у.
-   Лашкарбоши Ҳузайрмисан?
-   Ҳа, ўшаман!
-   Отанг сендан кўра яхшироқ инсон эди.
-   Йўқ! Мен сендан ҳам, отамдан ҳам кўра яхшироқман! Отам кофирликда вафот этган! – жавоб берди Омир разияллоҳу анҳу.



Умар қандоқ қулоқ солмасин?
Умар разияллоҳу анҳу кечаси йиғлаб:
-   Аллоҳга қасамки, агар бир йғ битмаган қўтир эчкини жилға бўйида қолдирсам, қиёмат куни ўшандан сўралишимдан қўрқаман.
Бошқа бир куни асҳоблари билан кетаётган эди, бир аёл тўхтатиб:
-   Кечагина Умарча эдинг, энди Умар бўлдинг. Кечагина Умар динг, бугун эса мўминларга амир бўлдинг. Сенга бу мансабни берган Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! – деди.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни эшитиб яна йиғлай бошлади.
-   Ҳой, Аллоҳнинг канизаги! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ердаги халифасин йиғлатиб қўйдинг-ку! – дейишди одамлар. Умар разияллоҳу анҳу уларни тўхтатди:
-   Уни ўз ҳолига қўйинглар, эй соҳибларим. У – Ҳакимнинг қизи Хувла. Унинг сўзларини Аллоҳ ҳам эшитган ва Қуронда унинг қиссасини баён қилган: قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ   “Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир”. (Мужодала. 1). Аллоҳки бу аёлнинг сўзини тинглаган бўлса, Умар қандоқ қулоқ солмасин?...


Сизларда яхшилик йўқдир!
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу инсонларга хитоб қилаётган эди, бир киши уни тўхтатиб:
-   Эй мўминларнинг амири! Аллоҳдан қўрқинг! – деди. Шу жойда ҳозир бўлганлар унга:
-   Мўминларнинг амирига Аллоҳдан қўрқинг дейсанму? – дейишди. Умар разияллоҳу анҳу уларни қайтариб:
-   Уни ўз ҳолига қўйинглар! Айтаверсин.  Қандоқ ҳам язши сўз айтди. Шу сўзни айтмасаларингиз сизларда яхшилик йўқдир. Агар қабул қилмасак, бизларда яхшилик бўлмагай! – деди.



Муфтий Иззуддин
Салоҳиддин Айюбийнинг вафотидан кейин халифаликда ихтилофлар бўлиб қолди. Бу ихтилофлар мағлубиятга учраб, тор-мор бўлган салибчиларга қўл келди. Шом султони Солиҳ  Исмоил балан унинг акаси, Миср султони Нажмиддин Айюб ўртасида низолар бошланиб кетди. Солиҳ Исмоил салибчилар билан иттифоқ тузиб, уларга Байтул Мақдис, Табарийя ва Асқалонни топшириб, агар Нажмиддин Айюбни мағлуб қилишга ёрдам беришса, Мисрдан ҳам бар парча жой ажратиб беришга ваъда берди.
Шунингдек салибчилар Димашққа бемалол киришига йўл очиб берди. Уларга ҳаракат эркинлигини ва маҳаллий халқдан қурол сотиб олишларига имконият қилиб берди. Иззуддин ибн Абдусалом бу пайтда Димашқ муфтийси ва уммавийлар масжидининг имом хатиби эди. Жумъа куни хутбада минбарда туриб Солиҳни беаёв танқид қилди. Унга дуо ҳам қилиб юборди. Салибчиларга қурол сотиш ва умуман ёрдам беришнинг ҳаромлигига фатво берди. Ҳар бир хутбаси, дарслари султонга қарши бўлди. Салибчииларга қарши урушишга одамларни давъват қилди. Душманларга ёрдам беришни хиёнат деб эълон қилди.
Бу сўзларни эшитган султон Солиҳ  Исмоил дарғазаб бўлиб, уни уммавийларнинг масжидига имомлик вазифасидан четлатди, фатво чиқариш ва одамларга аралашиб юришни тақиқлаб қўйди. Уйидан чиқишга рухсат бермасликка буйруқ берди. Шундан сўнг Иззуддин ҳаракатини давом эттириш учун Димашқдан Мисрга ҳижрат қилишга қарор қилди.
Шундай қилиб, ҳижрий 638 йилида шаҳардан чиқиб кетди. Буни билган халқ Димашқ халқи ғалаён кўтарди. Султон вазирларидан бирини Иззуддиннинг ортидан юборди. Вазир Нобилисга етганда Иззуддин билан учрашди ва Димашққа қайтишни илтимос қилди. Яна қўшимча қилди:
-   Хоҳласанг аввалги лавозимингга қайтишинг мумкин. Аввалгидан зиёда мартабаларга етишишинг ҳам  мумкин. Фақат унинг учун султондан узр сўраб, қўлини ўпсанг бўлди.
-   Эҳ бечора! – деди Иззуддин, - Султон менинг қўлимни ўпишига рози бўлмайман-у, мен унинг қўлини ўпишга рози бўлармидим?! Эй қавмим, сизлар бир водийда-ю, мен бир водийдаман. Сизлар мубтало бўлиб турган фитналардан сақлаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
-   Султон менга буюрган, ё шартимни қабул қиласан ёки сени занжирбанд қиламан! – деди вазир.
-   Қўлингиздан келганини қилинг!
Нобилис шаҳрида Иззуддинга кишан солишди. Токи Мисрдан мадад кучи келиб озод қилгунча кишанда турди. Мисрликлар келиб Иззудинни кишандан озод қилдилар ва салибчиларга қарши курашиш учун Қоҳирага олиб кетишди.



Ҳақ сўзнинг ҳайбати
Иззуддин ибн Абдусалом хайит кунида обрўли султонлардан бири бўлган Мусо ибн Малик Одилнинг ҳузурига кирди. Султон мамлакатнинг олий мажлисида дабдаба билан ўтирган эди. Амирлар одатдагидек унинг қаршисида ерни ўпиб туришган эди. Иззуддин баланд овоз билан:
-   Эй Айюбнинг ўғли! Аллоҳ таоло сенга: “Сенга Миср мамлакатини бериб қўйсам унда хамр (маст қилувчи ичимлик) соттирдингми?” деса ўзингни оқлаш учун қўлингда нима ҳужжатинг бор? – деди.
-   Шу нарсага йўл қўйилибдими? – сўради халифа.
-   Ҳа, фалончининг қовоқхонасида хамр ва бошқа ҳаром қилинган нарсалар сотилмоқда, сен эса бу мамлакатнинг неъматларидан фойдаланяпсан!
-   Эй ҳазратим! Уни мен жорий қилмаганман, балки отамнинг давридан қолган.
-   Нима, сен  إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَى أُمَّةٍ     “Биз ота-боболаримизни бир динда топдик” деганларданмисан?!
Султон ўша қовоқхонани бузиб ташлашга амр қилди. Кейин шайхдан сўрашди:
-   Шунда хурсандчилик – хайит-байрам кунида, шундай катта маҳобатли мажлис пайтида султонга шу сўзларни ошкора айтишдан қўрқмайсанми?
-   Мен Аллоҳнинг ҳайбатини ҳис қилдим. Шунда султон менга гўёки бир ювош мушк каби бўлиб қолди, - жавоб берди шайх.
Султон Мусо шундан сўнг ҳаром нарсаларнинг савдосини тўла барҳам топдирди ва бу интизом Иззуддин ибн Абдусалом вафот этгунча бузилмади.



Абу Ҳозимнинг насиҳати
Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж амалини бажариб Мадинани зиёрат қилар экан, шаҳардаги Абу Ҳозим Аърож исмли олимни чорлади ва:
-   Менга насиҳат қил, - деди.
-   Эй мўминларнинг амири! Бу мартабага, яъни халифаликка сендан аввал шу мансабда бўлган инсоннинг вафот этгани сабаблигина етишдинг. Халифалик сенга қандай етган бўлса, яна ўшандай сабаб билан сендан кетур. Эй мўминларнинг амири! Раббинг Ўзининг азамати ила сен тақиланган ишларни қилишинг ёки буюрилган амрларни тарк қилишингга муҳтож эмас, - деди олим.
-   Эй Абу Ҳозим! Нима сабабдан сен бизнинг даргоҳимизга қадам ранжида қилмагайсан?
-   Даргоҳингги бориб нима ҳам қилар эдим? Борганим билан мени ўзингга яқин қилсанг, фитнага солиб қўясан. Узоқлаштирсанг, ранжитиб қўюрсан. Менда сендан қўрққулик нарса бўлмаганидек, сенда ҳам мен истаган нарса мавжуд эмас.
-   Бизга ҳожатларингни айт, бажарайлик.
-   Ҳожатларимни сенда кўра қудратлироқ Зотга айтурман. У менга нима берса, қабул қилурман. Нимани бермаса, рози бўлурман. Аллоҳ таоло айтур: نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُم مَّعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا   “Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик”. Аллоҳ таоло қисматда кўп бериб қўйса, кимдур уни камайтира олгувчи? Қисматда оз берса кимдур уни зиёда қила олгувчи?


Язиддан эмас, Аллоҳдан қўрқ!
Халифа Язид ибн Абдулмалик волий ибн Ҳубайрага Аллоҳ таоло изн бермаган бир масала юзасидан хат юборди. Волий эса Ҳасан Басрийнинг олдига мазкур масала юзасидан фатво сўради ва:
-   Буйруқни адо қилай десам, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқаман. Бажармай десам, жонимдан қўрқаман, - деди.
-   Эй ибн Ҳубара! – деди Ҳасан Басрий, - Аллоҳнинг ишида язиддан эмас, Язиднинг ишида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳ сени Язиддан сақлай олади, Язид эса сени аллоҳдан сақлай олмайди. Эй ибн Ҳубайра! Яратганга осий бўладиган ишларда яралганга итоат қилинмас! Сен Язиднинг хатига қара, уни Аллоҳнинг Китобига солиштир. Аллоҳ таолонинг Китобига мувофиқ жойини бажар, хилоф жойларини тарк қил. Ёдингда тут – сен учун Аллоҳ Язиддан кўра авлороқ, Аллоҳнинг Китоби Язиднинг хатидан кўра авлороқдир!
Ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийнинг елкасига қоқиб:
-   Аллоҳга қасамки, бу шайх менга тўғри йўлни кўрсатди! – деди.


Эшитганингга амал қил
Абу Амр ибн Абдураҳмон халиф Мансурни зиёрат қилгани борди.
-   Эй Амрнинг отаси! Не бўлдики, анчадан буён биз томонларга келмай қўйдинг? Мен сени илминг ва фазлингдан сабоқ олмоқчи эдим.
-   Сен айтаётган сўзингга назар сол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимга дин ишларида Аллоҳдан насиҳат етган бўлса, уни Аллоҳга шукрлар қилиб қабул қилса, унинг учун Аллоҳдан етиб келган бир раҳматдур. Ундай бўлмаса, унинг гуноҳлари кўпайиши ва Аллоҳдан бўлғуси ғазаб зиёда бўлишлигига унинг учун Аллоҳдан бўлган бир ҳужжатдир. Унга ҳақдан бир нимарса келса, унга рози бўлса – унга розилик бўлур. Агар ғазаб қилса – ғазаб бўлур. Кимки ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам уни ёқтирмас, Аллоҳ Ўзи сақласин. Ҳолбуки, Аллоҳнинг дини ҳақ диндур.  Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Ўз Каломида айтади: هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيداً   “У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, у(дин)ни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир”. Сен бу ишда жоҳил бўлиб қолмагин, эй мусулмонларнинг йўлбошчиси!
-   Қандай қилиб жоҳил бўлиб қолурман?
-   Эшитасан, аммо эшитганингга амал қилмайсан!


Имон қуввати
Тарихлардан маълумки, ўтган солиҳларимиз шундай бақувват имонда бўлганларки, бу имони уларнинг қаддини тик тутган, шу имон туфайли Аллоҳдан бошқасидан қўрқмаганлар, ҳақ йўлда Аллоҳдан бошқага итоат этмаганлар. Имон ўзининг кибриёси ва азамати ила уларнинг қалблари ва кўзларида лиммо-лим бўлган. Шундай имон қаршисида махлуқот ризоси, дунёнинг зебу-зийнатию, ҳою ҳаваслари ҳеч қандай қадрга эга бўла олмаган.
Абу Мусо айтади: “Бизлар Нажжошийнинг олдига кирдик. У ўз мажлисида ўтирган, Амр ибн Ос унинг ўнг томонида, Аммора чап томонида руҳонийлар эса рўпарасида эди. Амр ва Аммора унга:
-   Улар Сизга сажда қилишмайди, - дейишди. Биз яқин борган эдик, руҳонийлар шоша пиша огоҳлантиришди:
-   Подшоҳга сажда қилинглар!
Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб фавқулотда жасорат ва имон қуввати ила  хотиржамлик билан:
-   Бизлар мислсиз улуғлик ва салтанаб эгаси бўлган Аллоҳдан бошқага сажда қилмагаймиз! – деб жавоб берди”


Азоб роҳатга айланди
Абу Зар Ғифорий жоҳилият даврида ҳеч кимдан қўрқмай йўл тўсарлик қилар эди. Ўзи ёлғиз ҳам ҳар қандай одамни талон-тарож қилиб, матоларини олиб қўйиб, ҳеч нарсадан чўчимасдан бемалол кетаверар эди. Вақтики, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга рисолат келганини эшитганидан кейин Исломни қабул қилиш учун келди. Бу пайтда ҳали Ислом даъвати махфий  эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Исломни ўргатдилар. Абу Зар Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз аҳлига бориб, мусулмон бўлганининг хабарини етказишни тайинлаб, Макка аҳлидан ҳушёр бўлишни уқтирди.
-   Улар сенга бир зарар етказмасалар? деб қўрқаман, - дедилар. Абу Зар бу сўзга жавобан:
-   Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, мен уларнинг кўз олдиларида овозимни чиқариб эълон қиламан! – деди.
Шундай деб Масжидул ҳаромга келди ва бор овоз билан баралла эълон қилди:
-   Гувоҳлик берурманки, Аллоҳдан Бошқа илоҳ йўқ! Ва яна гувоҳлик берурманки, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир!
Мушриклар дарҳол уни ўраб олиб, ерга йиқилиб овозлари чиқмай қолгунча дўппослашди. Агар Аббос ибн Абдумутталиб келиб уни ҳимоя қилиб:
-   Ҳой шўринг қурғурлар! Билмайсизларми, у Ғифор қабиласидан эканлигини?! Шом томон қиладиган тижорат сафарларингиз ўша томондан ўтади! – деб улардан қутқариб қолмаганида ҳоли не кечар эди, Аллоҳ билади.
Бироқ абу Зар разияллоҳу анҳу яна ўша ишини такрорлади. Одамлар яна дўппослашди. Аббос бу сафар ҳам ўртага тушди. Ҳа, Абу Зар разияллоҳу анҳунинг комил ва бақувват имони туфайли Аллоҳ йўлидаги азоб унинг учун роҳат га айланишга улгурган эди.



Роббинг кузатиб тургувчидир
Аб Жаъфар Мансур Молик ибн Анас ва ибн Товус разияллоҳу анҳуларни чорлади. Улар келганларида Абу Жаъфар қават-қават кўрпа устида ўтирган эди. Олдида чарм тўшама тўшалган кунда. Кунда олдида жаллод. Қўлида шамшир. Жазолашга тайёр турибди. Абу Жаъфар меҳмонларни ўтиришга имо қилди. Сўнг узоқ вақт сукут салаб турди. Кейин ибн Товусга юзланди:
-   Менга отангдандан эшитганларингдан айтиб бер.
-   Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, қиёмат кунида одамларнинг энг қаттиқ азоб тортгувчиси шу кишиким, Аллоҳ ун Ўз ҳукмига шерик қилади ва унга адолати учун шафқатсизликни киритиб қўяди” деганлар.
Молик айтади: “Мен унинг қонига беланиб қолмай деб, дарҳол кийимимни тўсиб олдим”.
Абу Жаъфар яна унга юзланди:
-   Эй Товуснинг ўғли! Насиҳат қил!
-   Хўп. Аллоҳ таолонинг ушбу Каломини эшитмаганмисан:
* أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِعَادٍ * إِرَمَ ذَاتِ الْعِمَادِ * الَّتِي لَمْ يُخْلَقْ مِثْلُهَا فِي الْبِلَادِ * وَثَمُودَ الَّذِينَ جَابُوا الصَّخْرَ بِالْوَادِ * وَفِرْعَوْنَ ذِي الْأَوْتَادِ * الَّذِينَ طَغَوْا فِي الْبِلَادِ * فَأَكْثَرُوا فِيهَا الْفَسَادَ * فَصَبَّ عَلَيْهِمْ رَبُّكَ سَوْطَ عَذَابٍ * إِنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ *
“Сен Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми? . Баланд устунли «Ирам»га. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга. Ва водийда харсанг тошларни кесган Самудга. ( Роббинг нима қилганини билмадингми?) . Ва кўп аскарлари бор Фиръавнга. (Роббинг нима қилганини билмадингми?) Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар. . Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирдилар. Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир”.
 Молик айтади: “Мен унинг қонига беланиб қолмай деб, яна кийимимни тўсиб олдим”.
Мансур анча вақт жим туриб қолди. Кейин:
-   Эй Товуснинг ўғли! Менга қаламни бер! – деди. Ибн Товус қаламни қўлига олиб, Абу Жаъфарга бермасдан ушлаб тураверди.
-   Нега бермаяпсан менга?
-   Бу қаламда маъсиятларни ёзсанг, сенга шерик бўлиб қолмай деб қўрқяпман.
Бу сўзларни эшитган халифа ниҳоят уларни ҳайдашга тушди:
-   Турларинг, менинг олдимдан!!!
Ибн Товус эса хотиржамлик билан:
-   Биз ўзи шуни хоҳлаган эдик, - деб, ўринларидан туриб кетишди.
Молик айтади: “Шундан сўнг мен ибн Товуснинг фазилатларини кўравердим”.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака туман бош имом хатиби
Nom: Javob: Қабасотун мин ҳаётир Расул
Yuborildi: MirzoMuhammad 30 Iyul 2017, 16:58:58
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
ПАЙҒАМБАРЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИДАН
ҚАБАСОТ
(Таълим)
نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
“Нур устига нур. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Нур. 35)


Довуд Тоийнинг вафоти
Довуд Тоий бир манзилга бориб, ўзидан кетиб йиқилди. Уни кўрганлар кўтариб ўз уйига элтиб қўйишди. Ўзига келганидан кейин ҳушидан кетганининг сабабини сўрашди. У жавоб берди:
-   Мен ўша жойда бир кишини ғийбат қилган эдим. Шу жойга келганда ногаҳон ўша ишим ёдимга келиб қолди. у киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида мен билан даъволашиб қолишини эсладим. Ўзимни оқлашга ҳеч қандай чорам йўқлигини ўйлаб, қўрқиб кетдим.
Афсус! Афсус!! Қани, энди ўша ахлоқлар? Қани ўша тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган даражадаги тақволар? Шу эмасми, Аллоҳдан қўрқиш? Шу эмасми, Уни улуғлаш: шу эмасми, Унга таъзим?
Довуд Тоий Раббиси йўлиқққунга қадар доимий хавфда бўлган. Ҳатто ваофт этишининг ўзига ҳам ўша хавф сабаб бўлиб қолган. Ҳофиз Абу Наъим санади билан ривоят қилишича, Довуд Тоий бемор бўлиб қолди. унинг касаллигининг сабаби шу эдики, кечаси тиловат қилиб ўтириб, дўзах ҳақида баён қилинган оятга етганда, ўша оятни қайта-қайта ўқиди. Шу кечанинг ўзида оят тафаккуридан касал бўлиб қолди. Эрталаб қарасалар, жон таслим қилиб бўлган экан.


Усоманинг лашкарбоши бўлиши
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатлу вадоъдан қайтганларидан кейин Усома ибн Зайд қўмондонлигида катта қўшин тайёрлашга буюрдилар. Қўшин таркибида Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Саъд ибн Абуваққос каби аввалги муҳожирлардан бўлган улуғ саҳобалар ҳам бор эди.
Усома Фаластин еридаги Мўътага яқин бўлган, отаси шаҳид бўлган  Балқо ва Дорумларнинг чегараларига бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг душманлари билан тўқнашиб, улар устидан зафар қозониб ғанимат ўлжаларни олиб қайтиши керак эди.
Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолганликларидан иш бир оз ортга сурилди. Бу вақт ичида бир неча саҳобалар Усоманинг анча ёшлиги ва ҳарбий маҳорати етишмаслиги сабабидан қўмондон бўлишига эътироз билдириша бошлашди. Уларнинг орасида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бу гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам етиб борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлари боғланган ҳолда чиқдилар. Минбарга кўтарилдилар.
-   Менга етиб келишича одамлар Усоманинг иш бошилиги бўйича гапиришятпи экан. Умрим ҳурмати айтурманки, унинг ишбошилиги ҳақида гапиришатган бўлсалар, ундан аввал отасининг ишбошилиги ҳақида ҳам гапиришган эди. Унинг отаси ҳам шунга муносиб бўлган эди. Энди эса бу ҳам муносиб, дедилар.
Усома лашкар билан чиқди. Мадинанинг шимол тарафидан уч мил наридаги Журф деган жойга бориб тушишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари учун ўша жойда интизор бўлиб тўхтаб қолишди. Касаллик ортиб борар эди. Одамлар касаллик зўрайиб кетгани ҳақида гапларни тарқатишар эди. Усома ва бошқа ҳамроҳлари қайтиб Мадинага келишди. Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужраларига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб борди.
Бу пайтда сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари тутилиб, сўздан қолган эдилар. Усома кириб келганини кўриб дуо аломати ила қўлларини само сари кўтардилар. Кейин Усомага қўйдилар. Бу кун касаллик ҳар ҳолда енгиллаган эди. Мусулмонлар жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Усома яқин бориб, Шомга лашкар тортишга изн олди. Сўнг ўша Журф деган манзилда аскарларга етишиб, йўлга тушишга амр қилди.
Орадан ҳеч қанча кун ўтмай Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул аълога риҳлат қилдилар. Мусулмонлар саросимага тушиб қолишди. Тиллари бу машъум хабарни айтишга лол бўлиб қолди. ҳатто умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб, ишонмади. Ким бу сўзни  айтса ёлғончига чиқарди. Фақатгина Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриб, вафот этганларига аниқ ишонч ҳосил қилганидан кейин одамлар олдига чиқиб:
-   Кимки Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибодат қилган бўлса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этди! Кимки Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ Тирикдир, У ўлмагайдир! – дея Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилди:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ
“Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар”. (Оли Имрон. 144)
Буни эшитган ҳазрат Умарни оёқларида мадор қолмай йиқилиб тушди. У аввал бу оятни эшитмаган экан. Шундан сўнг Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан ҳам вафот этганларига иқрор бўлди.
Усома эса хабарни эшитибоқ, ортига қайтди. Қўшинни ҳам Мадинага қайтарди. Бу ёғига мўминларнинг ишлари нима бўлишига интизор бўлган ҳолда байроқни Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужрасининг эшигига ўрнатиб қўйди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг халифа бўлишига байъат қилди. Халифанинг энг аввал қилган иши Усоманинг ишини амалга ошириш бўлди. Умар разияллоҳу анҳуга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламиннг халифасининг олдига бориб, одамлар орасига қайтишимга рухсат сўраб беринг. Акс ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси мушрикларнинг ҳамласидан хотиржам бўла олмай қолиши мумкин, - деди.
Ансорлар ҳам Умар разияллоҳу анҳуни ўртага қўйишди:
-   Халифага айтинг, бизга Усомадан кўра бақувватроқ ва ёши каттароғини тайинласин.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни етказгач, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усоманинг таклифидан қаттиқ ғазабга келди.
-   Агар мени итлар ва бўрилар талаб кетсалар ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмни асло ўзгартирмагайман! – деди. Ансорларнинг сўзини айтганидан кейин: - Онанг сени йўқотиб, сендан жудо бўлиб қолгур Умар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни бошлаб қўйган бўлса-ю, мен уни ташлаб қўйишимни буюряпасанми?!
Умар разияллоҳу анҳу лашкар олдига борди. Улар Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бўлган мулоқотнинг натижаси нима бўлганини сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу уларга:
-   Ҳой, оналарингиз сизларни йўқотиб, топилмай қолгурлар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасига сизларнинг масалангизда учрамадим! – деб қўя қолди.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усомани лашкарбоши қилиш ҳақидаги васиятини ана шундай қилиб адо қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга хилоф иш қилишни хоҳламади. Эътирз билдирганлар ҳам бу ишга қарши чиқишмади.
Мусулмонлар Усома кўтарган байроқ остида жам бўлишиб йўлларига равон бўлишди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уларга ибрат қилиб, Усомани отга миндириб ўзи пиёда лашкарни кузатгани чиқди. Бундан ноқулай аҳволга тушган Усома:
-   Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси! Ё Сиз ҳам отга миниб олинг, ёки мен ҳам пастга тушай! – деди. Халифа эса:
-   Аллоҳга қасамки, сен тушмайсан, мен минмайман! Оёқларим бирор соат Аллоҳ йўлида чанг бўлса нима бўпти?! Ҳолбуки, ғозийнинг ҳар бир босган қадами учун етти юз ҳасанот ёзилур, даражаси етти юз баравар кўтарилур ва етти юз гуноҳи ўчирилур!
Шундай қилиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усомани шунчалар ҳурматини бажо қилди. Умар разияллоҳу анҳуни эса маслаҳат ишлари учун Мадинада ўзи билан бирга олиб қолди. Усома разияллоҳу анҳу ҳазратабу Бакрнинг ишончини оқлаб, йигирма кунга қолмай Балқога етиб борди. Тез фурсатда катта зафар қозониб келиб,  мусулмонларнинг руҳиятини кўтарилди.


Йўл тадбири
Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Рум билан тўқнашиш учун Шом томон юзланди. Йўлда тўхтаб қолиш хатарли эди. Қандай қилиб йўлни қиқароқ қили, тонгла етиб бориш истагида йўл суриштирган эди, икки йўл топилди. Бири узоқ йўл, лекин бехавотир. Иккинчиси эса яқин йўл, бироқ ўта хатарли. Холид ибн Валид иккинчисини танлади. Бу фикрга Рофеъ ибн Умайр Тоий эътироз билдириб саркарданинг олдига келиб:
-   Эй Холид, Сиз отлиқ аскар ва юклар билан ўта олмайсиз. Аллоҳга қасамки, ҳар қандай отлиқ ҳам бу йўлдан ўтишдан қўрқади, чунки бу йўлда беш кеча сувсиз юришга тўғри келади, - деб маслаҳат берди.
-   Бундан бошқа чора йўқ, - деди Холид ибн Валид, - Буйруқни етказ!
-   Ундай бўлса сув захирасини кўпайтириш керак. Кимки имкон қилса, туясининг қулоғигача сувга тўлдирсин. Чунки йўл ҳалокатли, илло Аллоҳ сақласагина омон қолиш мумкин.
Холид ибн Валид лашкар билан кимсасиз саҳрода беш кун йўл юрдилар. Ҳар куни бир манзилга тушганларида тежамкорлик билан еб-ичишди. Кейин бир нечта туянинг қоринларини ёриб сувларни чиқаришди. Шундай тадбирлар билан соғ-омон кўзланган манзилга етиб олишди.


Абу Жаҳл ва бадавий
Абу Жаҳл ибн Ҳишом саҳро ўлкаларидан келган бадавийнинг туясини савдолашиб, арзимас пулга баҳолаб туриб олди. Шунчалик узоқ савдолашдики, бадавий тоқати тоқ бўлиб Абу Жаҳл айтган пулга сотишга мажбур бўлди. Кейин тўпланиб ўтирган Қурайш кишиларига бориб, унинг устидан шикоят қилди ва ҳаққини олиб беришларини сўради. Улар эса бадавийни беписандлик билан калака қилиш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ишора қилишди. Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда намоз ўқиётган эдилар.
-   Мана шу одам сенинг ҳақингни олиб бера олади, - дейишди.
Бадавий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг танимас эди. Ёнларига бориб арзини айтди. Сўнг биргалашиб Абу Жаҳлнинг уйига бориб, эшик қоқдилар. Абу Жаҳл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирганини билиб ранглари ўчган ҳолда чиқиб, қалтираб қолди.
-   Бу кишининг ҳақини бер! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл дарҳол унинг пулини зиёдаси билан берди.
Мушриклар Абу Жаҳлнинг қўрқоқлик қилганларилан даҳшатга тушишди. Бу иши учун унга таъна қилишган эди, Абу Жаҳли жавоб берди:
-   Ҳой шўринг қурғурлар, Аллоҳга қасамки, у менинг уйимни чақирганида овозини эшитиб, қўрқинчдан даҳшатга тушиб қолдим. Шундай чиқиб қарасам, унинг боши томонида баҳайбат туя турган экан. Бунақа катта бошли, бунақа катта тишли туяни мутлақо кўрмаганман! Агар бош тортсам, у мени еб қўяр эди!


Умар ибн Хаттобнинг мусулмон бўлиши
Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини излаб йўлга чиқди. Улар Сафо атрофидаги уйда тўпланиб ўтиришгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, амакилари Ҳамза, абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум билан биргаликда эркак ва аёл жами қирқ киши чамасида эканини эшитган эди.
Бу пайтда Қурайшлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилган кишига мукофот ажратган эди. Умар ибн Хаттоб ҳам ана шу иш қасдида чиқди. Йўлда унга Наъим ибн Абдуллоҳ рўпара келиб қолди.
-   Эй Умар, қаёққа кетяпсан? – сўради у.
-   Динидан юз ўгириб, Қурайш халқига тафриқа солиб, етук инсонларни аҳмоққа чиқариб, динини айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилган Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!
-   Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, сен ўзингни ғорат қилибсан, эй Умар! Бану Абдуманофни кўряпсанми? Сен Муҳаммадни ўлдирсанг улар сени ер юзида қолдириб қўядими?! Аҳли байтингга борсанг-чи, уларнинг ишларини кўрар эдинг!
-   Қайси аҳли байтим?
-   Куёвинг, амакингнинг ўғли Саъид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Хаттоб қизи Фотима. Аллоҳга қасамки, улар мусулмон бўлишган! Муҳаммаднинг динига эргашган. Ўшаларнинг олдига бор!
Умар синглиси ва куёвининг олдиларига борди. У жойда Хубоб ибн Арт Тоҳо сўраси ёзилган саҳифани ўқиётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Хубоб парда ортига беркиниб олди. Фотима саҳифани олиб, сонининг остига яшириб қўйди. Умар уйга яқин келганида улар нимадир ўқиётганларини эшитишга улгурган эди.
-   Мен эшитган нарсам нима эди?!  Сўради Умар.
-   Ҳеч нарса эшитганингиз йўқ! – жавоб беришди эр-хотин.
-   Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммаднинг динига эргашганингизнинг хабарини эшитиб қолдим! Шу гап тўғрими?! – сўради куёвидан.
Фотима эрини ҳимоя қилиб ўртага тушди. Уни бир урган эди, зарба теккан жой ёрилиб кетди. Шундан сўнг улар иқрор бўлишди:
-   Ҳа, мусулмон бўлдик! Аллоҳга ва Уиннг расулига имон келтирдик! Мана энди хоҳлаганингни қилавер!!
Ниҳоят синглисининг жароҳатида қон оқаётганини кўргач, ўафқати қўзиди, қилган ишига надомат қилди.
-   Ҳозирроқда ўқиган нарсангларни менга бир кўрсатинглар-чи? Нима экан у- Муҳаммад олиб келган нарса, бир кўрай-чи?
Умар хат ёзишни билар эди.
-   Йўқ, уни Сизга беришдан қўрқамиз, - дейишди.
-   Қўрқманглар, - деб албатта қайтариб беришликка илоҳалари номидан қасам ичди.
Шунда Фотима шоядки, Исломга рағбат қилиб қолса, деб умид қилди ва:
-   Эй акажон, Сиз мушриклигингиз сабабидан нажассиз. Буни эса таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, - деди.
Умар ўрнидан туриб ғусл  қилди. Шундан сўнг Фотима Тоҳо сураси битилган саҳифани берди. Умар уни ўқиб:
-   Қандоқ ҳам гўзал ва мукаррам бу Калом! Қурайш шундан қочиб юриптими? Қурайшнинг ҳолига вой! – деб юборди. Унинг бу сўзларини эшитган Хубоб беркинган жойидан чиқди.
-   Эй Умар! – деди у, - Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси билан сени хослаган бўлишлигини хоҳлар эдим. Чунки кеча мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ! Икки Умарнинг бири билан – Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан Исломга нучрат бер!” деганларини эшитдим. Аллоҳга қасамки, эй Умар, сен ўзиб кета қол!
-   Эй Хубоб, мени Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига етаклаб бор, Исломни қабул қилмоқчиман, - деди Умар ибн Хаттоб.
-   Улар Сафо яқинидаги Арқамнинг ҳовлисидалар.
Умар ибн Хаттоб қиличини ўйнатганча уларнинг олдиларига бориб эшик қоқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири туриб, эшикнинг тирқишидан мўралаб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бу Умар экан! Қиличини ўйнатиб турибди, - деди.
Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб сўз қотди:
-   Изн беринг, эй, Аллоҳнинг расули! Агар у яхшилик билан келган бўлса, боримизни нисор қилурмиз. Ёмонлик масадида келган бўлса, ўзининг қиличи билан чопиб ташлармиз!
-   Изн бер, унга! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга рухсат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кутиб олдилар. Ридосининг этагидан ушлаб олқиш сўзларини айтдилар:
-   Эй Хаттобнинг ўғли! Қандай қилиб келдинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени фалокатга гирифтор қилмасдан бурун бас қилганингни кўрмоқдаман!
-   Эй, Аллоҳнинг расули! – деди Умар ибн Хаттоб, - Мен Аллоҳга, Унинг расулига ва расули Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нима олиб келган бўлса шуларга имон келтириш учун келдим.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтиб юбордилар. Уй аҳллари ҳам Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганига гувоҳ бўлдилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Исломни ошкор қилгани юборилдингизми ёки сир тутганими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ошкор қилгани, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ундай бўлса махфийлик нечун?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоблари ва эндигина мусулмон бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳум, Каъбага бордилар. Умар разияллоҳу анҳу баланд овозда:
-   Эй Қурайш жамоаси! Кимки онаси боласидан жудо бўлиб, боласи етим, хотини бева қолишини истаса мана шу водий ортидан менга рўпара келсин! Чунки мен гувоҳлик берурман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир! – деб овоза қилди.


Бўҳтон воқеаси
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқишни ирода қилсалар аёллари ўртасида қуръа ташлар эдилар. Қуръа қайси бирига тўғри келса, ўшаниси билан чиқар эдилар. Одатдагидек Бани Мусталиқ ғазотига ҳам қуръа ташладилар. Қуръа Оиша разияллоҳу анҳога тўғри келди. Бирга сафарга йўл олдилар. Оиша разияллоҳу анҳо чодрага ўтирдилар. Одамлар чодрани кўтариб туяга жойладилар. Боғичларини боғлаб йўлга тушдилар.
Сафардан қайтиб, Мадинага яқин қолганида бир манзилда тўхтаб, кечанинг баъзи қисмини ўша жойда тунашга тўғри келди. Сўнг йўлга тушишга рухсат берилди. Одамлар йўлда давом этдилар. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо баъзи ҳожатлари учун чиққан эди. Бўйинларида маржон бўлиб, унда бир бўлак зуфор ҳам бор эди. Зуфор - Санъо яқинидаги Зуфар ҳунармандлари томонидан тешиб ясаладиган марзон бўлаги. Ҳожатдан қайтиш чоғида ўша маржон бўйнидан тушиб қолганини сезмай қолди. Чодрага боргандан кейин бўйнини пайпаслаб кўрса, маржон йўқ. Бу пайтда одамлар йўлга тушишни бошлашаётган эди. Оиша разияллоҳу анҳо келган ерига қайтиб бориб, излаб-излаб, охири маржонни топди. Одамлар туя тўхтаган жойга келишиб, Оиша разияллоҳу анҳо енгил бўлганидан, ичида одам бор, деган хаёлда чодрани кўтариб, туяга жойлаб, йўлга равона бўлишди. Ҳазрат Оиша жойига қайтиб келганида, ҳеч ким йўқ эди.
Бўлган воқеа ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ўзлари айтадилар:
“Рўмолимни ўраб, йўқлигимни билишса, мени олиб кетгани алабатта қайтиб келишади, деган ишонч билан, бир оз ёнбошладим. Аллоҳга қасамки, мен ёнбошлаб турган пайтимда Сафвон ибн Муаттал  Суламий ўтиб қолди. У баъзи ҳожатлари борлиги учун одамлар билан бирга тунамай. Одамлардан орқада қолган эди. Узоқдан менинг шарпамни кўриб қолиб, яқин келибди. Рўпарамда тўхтабди. Ҳижоб вожиб бўлишидан аввал кўрган эди. Мени кўриб:
-   Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (яъни “албатта бизлар Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтажакмиз”)! Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тахтиравондаги айли-ку! – деди.
Мен либосимга ўраниб олган эдим.
-   Аллоҳ раҳм қилсин, нима сабабдан қолиб кетдинг? – сўради у. Мен ҳеч сўз демадим. Туяни яқин олиб келиб, - Бунга мин! Ортимдан юрасан, - деди.
Мен туяга миндим. У туянинг арқонидан тортиб, одамларга етиб олиш учун шошиб йўлга тушди. Аллоҳга қасамки, тонг отиб, одамлар манзилга тушгунларигача уларга ета олмадик. Улар эндигина хотиржам етиб келганларида мени туяда етаклаб келган кишини кўриб, нима дейишса дейишди. Аскарлар оасида анча шов-шув бўлди. Лекин Аллоҳга қасамки, мен бу нарсаларни билганим йўқ эди.
Мадинага етиб келдик. Ҳеч қанча ўтмай анчагина оғир бетоб бўлиб қолдим. Менга ҳеч қандай хабарни етказишмади. Гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва отмагача етиб борган эди. Бироқ улар ҳам бу ҳақда ҳеч нарса демас эдилар. Фақатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келадиган баъзи илтифотлар тўхтаб қолган эди. Қачон хасталансам, менга меҳрибонлик қилиб, илтифотлар кўрсатар эдилар. Бу сафарги касал бўлишимда ўша марҳаматларни кўрмадим. Қачон олдимга кирсалар, онам менга қараб ўтирган бўлса:
-   Бунингизнинг ҳоли қандоқ? – деб қўяр, ундан бошқа сўз  айтмас эдилар, холос.
Мен ул зотнинг менга қилган бу жафоларини кўрганимдан кейин:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Менга изн берсангиз, онамнинг уйига борсам. Ўша жойда онам касалимга қараса, - дедим.
-   Хоҳишинг! - дедилар.
Онамнинг уйига бордим. Қарийб йигирма кунча касал бўлдим. Соғайиб кетгунимга қадар бўлган гаплардан ҳеч ҳам хабар топмадим. Бизлар ажамларда бўлгани каби ҳовлимизда ҳожатхона қилишга ўрганмаган араб халқи эдик. Биз уйда ҳожатхона бўлишини ёқтирмас, балки ёмон кўрар эдик. Ҳожат учун шаҳар теварагига чиқар эдик. Аёллар ҳар куни кечқурун ҳожатлари учун борар эдилар. Одатдагидек, мен ҳам кечаси Умму Мистаҳ ‒ Абу Руҳм билан бирга ҳожатим учун чиқдим. Унинг онаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг холаси Сахрнинг қизи эди. У мен билан кетаётиб, кийимининг этагига ўралашиб, қоқилиб кетди ва: “Ҳа, бадбахт Мистаҳ!” ‒  деб юборди. Мистаҳ – лақаб бўлиб, асл исми Авф эди.
-   Аллоҳ ҳаққи, Бадрда қатнашган муҳожир инсон шаънига қандай ҳам ёмон сўз  айтасан-а! – дедим унга.
-   Эй Абу Бакрнинг қизи! Сенга гап-сўзлар етиб келмадими? – сўради.
-   Қандай гап-сўз?
Шундан сўнггина бўҳтон аҳлининг гапларидан хабардор бўлдим.
-   Шундай бўлдими? – сўрадим.
-   Ҳа. Аллоҳга қасамки, шундай бўлди!
Аллоҳга қасамки, ҳожатимни бажаришга ҳам мадорим қолмасдан қайтиб келдим. Аллоҳга қасамки, тўхтовсиз шунча кўп йиғладимки, ҳатто бу йиғилар жигаримни эзиб юборади деб ўйладим. Онамга айтдим:
-   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, нима дейишса дейишаверсин, менга бу ҳақда ҳеч нарсани эслатманг...
-   Тинчлан, қизалоғим! Аллоҳга қасамки, покдомон бўла туриб севимли кишисининг ҳузурида бошига кўплаб маломатлар ёғилган аёллар озми?
Кунлар ўтди. Одамлар бўҳтонни сўзлашаверди. Ниҳоят Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар қаршисида туриб хутба қилдилар. Алоҳга ҳамду санолар айтиб:
-   Эй одамлар! Кишиларга не бўлдики, менга аҳлимдан озор берурлар. Улар ҳақида ноҳақ сўзларни айтурлар! Аллоҳга қасамки, мен улардан яхшиликдан бошқасини билмасман. Шундай сўзларни яна бир киши ҳақида ҳам айтурлар-ки, у ҳақда ҳам яхшиликдан бошқа нарсани билмасман! Ҳобуки, у менинг уйларимдан бирортасига ҳам менсиз кирган эмас.
Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб, маслаҳатлашди. Шунда Усома мен ҳақимда яхши мақтовлар айтди. Али эса:
-   ‒ Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинлар кўп-ку! Сиз ўрнига бошқасини олишга қодирсиз. Анави жориядан ҳам сўраб кўрсангиз нима гаплигини тасдиқлаб бериши мумкин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Барирани чақириб ундан сўради. Али эса уни жуда ҳам қаттиқ уриб:
‒ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тасдиқлайсанми?! – деди.
‒ Аллоҳга қасамки, мен у ҳақда яхшиликдан бошқасини билмасман! Мен Оишани ҳеч нарсада айблай олмайман. Магар мен хамир қилиб, унга қараб туришни тайёрлаган бўлсам, у ухлаб қолиб, қўйлар келиб хамирдан еб кетар эди.
Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнимга кирдилар. Менинг олдимда отам, онам ва бир ансория аёл бор эди. Мен йиғласам, у ҳам мен билан бирга қўшилиб йиғлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду санолар айтиб сўз бошладилар:
-   Эй Оиша! Батаҳқиқ, одамлар орасида сенгача етиб келган шу гап-сўзлар бўлди. Аллоҳга тақво қил! Мабодо одамлар айтаётганларидек ножўя иш қилиб қўйган бўлсанг, Аллоҳга тавба қил! Зеро Аллоҳ бандаларнинг тавбаларини қабул қилур.
Аллоҳга қасамки, бу сўзларни айтиб бўлганларидан сўнг кўз ёшларим бирдан тўхтаб қолди. Ҳатто бирор қатрасини ҳам сезмай қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб берсалар, деб ота-онамга қарадим. Бироқ улар бир оғиз ҳам сўз айтмадилар. Аллоҳга қасамки, Қуронда мен ҳақимда масжидларда ва намозларда қироат қилинадиган оят нозил бўлишига ўзимни муносиб кўрган эмасман. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқусида Аллоҳ мени оқлагувчи тушни кўришидан умидвор эдим.
Отам ва онам бирор оғиз сўз айтмаганларини кўриб уларга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб бермайсизларми? – дедим.
-   Аллоҳга қасамки, биз нима деб жавоб беришни ҳам билмаймиз, - дейишди улар.
Яна кўз ёши тўкиб йиғладим ва:
-   Лекин мен Юсуфнинг отаси – Яъқуб алайҳис салом айтган сўзни айтурман:  “فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ  " “Энди, чиройли сабр қилмоқлик! Ва Аллоҳ ‒ сизлар сифат қилаётган ишлардан ёрдам сўралгувчи(зот)дур”, - дедим.
-   Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган жойларидан турмасдан туриб, ваҳий келганда тутадиган шундай бир безовталик тутиб қолди. Аллоҳга қасамки, бу ҳолатдан асло чўчимадим ҳам, ташвишланмадим ҳам. Билдимк, мен оқландим. Ота-онам эса, Оишанинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатларидан шу қадар қимир этмай қолишдики, ҳатто мен уларнинг жонлари чиқиб кетдими, деб ўйладим. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга табассум қилиб:
-   Хушхабар, ҳой Оиша! Ана энди Аллоҳ азза ва жалла сенинг айбсизлигингни эълон қилди! – дедилар.
-   Биҳамдиллаҳ! – дедим.
Кейин одамларнинг олдига чиқиб, уларга хитоб қилдилар ва ушбу оятларни тиловат қилиб бердилар:
إِنَّ الَّذِينَ جَاؤُوا بِالْإِفْكِ عُصْبَةٌ مِّنكُمْ لَا تَحْسَبُوهُ شَرّاً لَّكُم بَلْ هُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُم مَّا اكْتَسَبَ مِنَ الْإِثْمِ وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ
“Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир”. (Нур. 11)


Мусулмонга ўхшаш дарахт
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик.
-   Менга мусулмон кишига ўхшаш бўлган, япроқларини ёзда ҳам, қишда ҳам тўкмайдиган, ҳар вақтда Раббисининг изни билан емишларини берадиган дарахтнинг хабарини беринглар, - дедилар.
Кўнглимда бу хурмо бўлса керак деган фикр келди, лекин Абу Бакр ва Умарни кўрдим, улар сўзламаяптилар. Шунинг учун мен ҳам айтишни хоҳламадим. Ҳеч нарса дейишмаганларидан кейин:
-   Бу – хурмо, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Турганимиздан кейин Умарга:
-   Эй отажон! Аллоҳга қасамки, менинг кўнглимга у – хурмо деган фикр келган эди, - дедим.
-   Нима учун айтмадинг? – сўради.
-   Сизлар айтмаганларингизни кўрганим учун бирор нарса дейишни ёқтирмадим.
-   Агар айтсанг эди, менга ёқар эди, - деди Умар разияллоҳу анҳу”.


Аллоҳ кифоя қилди
Арбад ибн Робиъа билан Омир ибн Туфайл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига киришди. Бири иккинчисига айтди:
-   Мен гап билан чалғитиб тураман, сен ўлдирасан.
Омир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб узоқ гаплашиб турди. Кейин чиқиб Арбаддан сўради:
-   Нега ҳеч нарса қилмадинг?
-   Унинг олдида бир нарса кўрдим, оёғи ерда, боши осмонда! Агар яқинлашсам, мени ҳалок қилар эди.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِّن بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللّهِ إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ وَإِذَا أَرَادَ اللّهُ بِقَوْمٍ سُوءاً فَلاَ مَرَدَّ لَهُ وَمَا لَهُم مِّن دُونِهِ مِن وَالٍ
“Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Раъд. 11)
Арбадни чақмоқ урди. Омир эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Бизларга – кўчманчилик, сизларга – ўтроқлик, - деди.
-   Сизларга – жилов! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Омир кетганидан кейин:
-   Эй Аллоҳ! Унга Ўзинг кифоя қил! – дедилар. Омирга бир ғудда (без) чиқди. Шу билан вафот этди.


Хиргойи
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдиларига одамлар келишди.
-   Эй мўминларнинг амири! – дейишди улар, - Бизнинг бир имомиз бор. Қачон намозидан фориғ бўлса қўшиқ айтади.
-   Ким у? – сўради Умар разияллоҳу анҳу. Улар унинг исмини айтишди. – Қани туринглар, бирга унинг олдига борамиз!
-   Агар биз борсак, бизни пойлоқчилик қилибди деб ўйламасин, - узр сўрашди улар. Шунда умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бир жамоат билан бирга ўша одамнинг излаб боришса, масжидда экан. Умар ибн Хаттобни кўриб, ўрнидан туриб истиқболига чиқди.
-   Эй мўминларнинг амири! Бизга нима хизмат бор? Нима сабаблар билан келдингиз.? Агар бизнинг  бирор ҳожатимиз бўлса, Сиз келганингиздан кўра биз ўзимиз боришимиз муносиб бўлади. Агар Сизнинг бизга ҳожатингиз бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасининг ҳурматидан таъзимда бўлишимиз лойиқроқ бўлур,. – деди.
-   Шўринг қурғур! Менга сен ҳақингда ёмон гаплар етиб келди!
-   У нимадир, эй мўминларнинг амири!
-   Ибодатингда ҳам беодоблик қилурмисан?!
-   Йўқ, эй мўминларнинг амири! Лекин ўзига насиҳат қилурман.
-   Қани, айт-чи. Агар гўзал сўзлар бўлса, сен билан бирга айтурман. Хунук сўзлар бўлса, сени ҳам vан қилиб қўюрман!
-   Ҳар қачон кўнгилни койисам
Ҳижрон узунлигин,  чарчашим/толишим/ ғайратим/ сиқилишим/ мушкуллиги/ жонсараклигим/     .... тилайди/ истайди/ ўйлаб кўради/ қасд қилади/ бузуқлик қилади/  эзади/ хафа қилади/
Дунёни кўрдимки, бошдан охиригача кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас экан.
Мени азоблади/ қийнади/ ташвишга солди/ безовта қилди/ халақит берди
эй ёмонликларнинг ҳамроҳи, бу қандай сабо/ мойиллик, муҳаббатдан бошқаси эмаским,
умр ҳам шу каби ўйиндир.
Вовайлоким, мени ҳаргиз кўрмадим ўзимни
На бир яхшиликда, на бир одобда.
Эй нафсим, бўлмагин, ҳаво ҳам бўлмаган
Кузатувчи мавлом, /ҳамроҳим/ ёрдамчим/ иттифоқчим, пинҳоним/ қўрқитгувчим  ва даҳшатга солгувчим.

Ҳар қачон кўнгилни итоб қилсам
Ҳижрон йўли бунча узун деб
Машққатим эзар юракни.
Кўрдимки мени азобларга гирифтор қилган бу дунё
бошдан охири  кўнгилхушликдан бошқаси эмас.
Эй гуноҳларга гирифтор бўлган кўнгул,
Бу дунё бир сабо кабидур, умр ҳам шундоқдир, ўйин кабидир.
Вовайлоким, ўзимни ҳаргиз кўрмадим на яхшилик, на бир одобда!
Эй нафсим, иштиёқларим менинг йўлбошим, ҳамроҳим ва охират азобларидан қўрқитгувчим бўлмагани каби сен ҳам овора бўлма!

Умар разияллоҳу анҳу унниг бу хонишини эшитиб, ўзи ҳам у билан бирга жўр бўлиб хиргойига қўшилди. Сўнг даврадагиларга қараб:
-   Ким хиргойи қилса, шундай қилсин! – деди.


Валид ибн Муғира
Валид ибн Муғира Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Қурондан қироат қилиб берган эдилар, кнгли юмшагандек бўлди. Бу хабар абу Жаҳлга етиб борди. У Валиднинг олдиларига келиб:
-   Эй амаки! Сен қайтиб Муҳаммаднинг олдига бормаслигинг ва унинг сўзларига қулоқ солмаслигинг учун Қавминг сенга бир қанча мол-дунё тўплаб бермоқчи бўляпти, - деди.
-   Қурайш яхши билади-ку, уларнинг ичида энг мол-дунёси кўпроқ инсон эканлигимни, - деди Валид.
-   Ундай бўлса Муҳаммад ҳақида бир сўз айтгинки, қавминг ҳақиқатан уни ёмон кўрар экан, дейишсин.
-   Нима ҳам дер эдим? Аллоҳга қасамки, ораларингизда шеърни менчалик биладигани йўқ! Мушоирада ҳам, қасидада ҳам, жинларнинг шеърлари ҳақида ҳам мендан кўра билимдонроғингиз йўқ! Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг айтган сўзлари булардан биронтасига ҳам ўхшамайди. Аллоҳга қасамки, унинг айтган сўзлари қандай ҳам ҳаловатли! Бу сўзлар қандай ҳам латофатли! Унинг шохлари сермева, илдизлари серҳосил! У тобора ўсиб боражак, ундан ҳеч нимарса ўта олмас! У ўзидан тубандагиларни чилпарчин қилур!
-   У ҳақида бирор гап айтмагунингча қавминг сендан рози бўлмагай!
-   Ундай бўлса ўз ҳолимга қўй, бир ози фикрлаб кўрай, - деди Валид.
Шундан сўнг Қурони каримдаги ушбу оятлар нозил бўлди:
* إِنَّهُ فَكَّرَ وَقَدَّرَ * فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ نَظَرَ * ثُمَّ عَبَسَ وَبَسَرَ * ثُمَّ أَدْبَرَ وَاسْتَكْبَرَ * فَقَالَ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ * إِنْ هَذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ * سَأُصْلِيهِ سَقَرَ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ * لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ * لَوَّاحَةٌ لِّلْبَشَرِ * عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ *

“Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди. Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди! Сўнгра яна лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди. Сўнгра назар солди. Сўнгра юзини буриштирди ва қовоғини солди. Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди. Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди. Тезда уни сақар (дўзахи)га киритаман. Ва сақар нималигини сенга нима билдирди? У (сақар) боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас. У терини кўп куйдирувчидир. Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир”. (Муддассир. 18 – 30)
Валид бу оятларни эшитиб, фаришталарнинг саноғи ўн тўққизта эканлиги учун қавмидан:
-   Мен бир ўзим ўнтасига кифоя қиламан, қолган тўққизтасига сизлар кифоя бўла оласизларми? – деб сўради.
Аллоҳ таоло унинг кибри, мақтанчоқлиги ва ғурурини рад этиб оят нозил қилди:
وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَاناً وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي مَن يَشَاءُ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ
“Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учундир. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учундир. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учундир ва қалбларида касали бор(мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учундир. Шундоқ қилиб Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирадир ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга соладир. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир”. (Муддассир. 31)



Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака туман бош имом хатиби