forum.ziyouz.com

Umumiy bo'lim => Islom => Mavzu boshlandi: HazratiBilol 28 Iyun 2018, 07:44:39

Nom: ЁМОН ГУМОНДАН САКЛАНИНГ
Yuborildi: HazratiBilol 28 Iyun 2018, 07:44:39
Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.
 Бир куни унга хотини:
 - "Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” -  деди.
 У:
 - Нима учун бундай деяпсан?” - деди.
 Хотини:
- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.
Толҳа хотинига қараб:
 - Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.
Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:
 - Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!!!
Салаф солиҳлардан бири:
“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, мен сизларнинг олий Роббингизман), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан.” - деган экан.
Уламолар айтадилар:
 “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар:
“Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.
Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар:
“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.
Демак, дўстларимиз ҳақида имкон қадар яхши гумонда бўлишимиз керак.
Nom: Javob: ЁМОН ГУМОНДАН САКЛАНИНГ
Yuborildi: MirzoMuhammad 04 Iyun 2019, 21:27:17
ГУМОНДА ҚОЛИШДАН САҚЛАНИШ
Одамлар орасида кўзи билан кўрмаган ва аниқ ҳужжати бўлмаган ишлар ҳақида гумонда бўлишлик ҳар даврда ҳам бўлган. Ҳозирги кунда эса фан ва техника ривожланган сари гумон ҳам ривожланиб, унинг турлари кўпайиб кетмоқда.  Айниқса, ҳақиқати аниқ бўлмаган гумонни тарқатишлик бу борада ниҳоятда кенг тарқалиб кетди ва у кўпроқ матбуотда ва яна ҳам кўпроқ интернетда авж олиб кетди.
Натижада қанчалаб машҳур бўлган ва машҳур бўлмаган инсонларнинг шаънлари беҳурмат қилинмоқда. Обрўларига ноҳақ равишда шикаст етмоқда.
Аслида-ку, ёмон гумон қилишлик асло мумкин эмас. Бадгумонликнинг оқибатлари жуда ҳам ёмонлигидан бу ҳақда Каломи Қадимда танбеҳлар келган. Жумладан “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилинишича: 
“Эй имон келтирганлар, гумоннинг кўпидан четланинг! Дарҳақиқат гумоннинг баъзиси гуноҳдир”. (12 - оят)
Исмоил ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларига кўра агарчи гумоннинг айримларигина гуноҳ бўлса ҳам, эҳтиёт учун кўпидан сақланишга буюрилмоқдамиз. Зеро ўша айримлари ҳам ҳалокат бўлишга етарли бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, бадгумонлик алал-оқибат қанча-қанча инсонларнинг ўртасида адоват пайдо бўлишига, қанча бегуноҳ инсонлар туҳматга қолишига, қанча оилалар бузилишига сабаб бўлган ва бўлмоқда. Ҳатто ноҳақ қон тўкилишигача сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, банданинг ўзи ҳам иложи борича гумон қўзғатувчи ишлардан эҳтиёт бўлгани маъқул. Аслида унинг иши тўғрилигини Худо билиб турса ҳам, эҳтиёт учун чора кўриб қўйса фойдадан ҳоли эмас.
Ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси аёллари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо зиёрат қилиш учун келди. Бир оз суҳбатлашганларидан сўнг қайтиш  учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани чиқдилар. Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳонинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.
Улар чиқиб турган пайтларида ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.
-   Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – деб улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида ҳаргиз ёмон гумонда эмасликларини изҳор қилдилар.
-   Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон(гумон) келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Эркинжон Ҳусанов. Марқаюз жомеъ масжиди имоми
Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
Асака