Абу Бакрнинг туши
(разияллоҳу анҳу)
Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Куҳофа розияллоҳу анҳу Макканинг Қурайш қабиласи Тамим уруғидан, милодий 573 йили туғилганлар. Исмлари Абдуллоҳ, оталарининг исми Усмон (куняси Абу Куҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи Мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар.
Абу Бакр билимдон, бадавлат киши бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар. Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ йўлида сарфлаганлар. Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар. Исломни ҳеч иккиланмай қабул қилганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожларини эшитган заҳоти тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони берилган. (http://siyrat.uz/?p=1954)
Бир куни тушида ой Маккага тушиб, ундаги ҳар бир уйга нур таратганини кўрди. Кейин ҳамма нур у кишининг кўкрагида жам бўлди. Бу тушидан бир неча кун ўтиб, Ҳазрати Абу Бакр Шомга тижорат учун сафар қилди. Кўрган тушини йўлда учраган бир роҳибга айтди. У аҳли китоблардан бўлиб, Буҳайро роҳиб дейишарди. У Абу Бакрга тушини таъбирлаб:
"Агар гапинг рост бўлса, тезда сенинг қавмингдан бир пайғамбар чиқади, сен унинг вазири ҳамда дўсти бўласан. Пайғамбар вафот этгандан сўнг халифаси – ўринбосари бўласан", деди. Яна айтдики: "Келиши кутилаётган пайғамбарга ҳамма одамлар эргашади ва уларнинг орасида энг бахтлиси сен бўласан!"
Бу гаплардан Абу Бакр бениҳоя хурсанд бўлди. Аммо шундай бўлсада, ҳақиқатни излашдан тўхтамади. Яманга етиб борганида, ахли китоблардан бўлган аздлик бир кишини учратди. У Абу Бакрга:
"Сен ҳарам аҳлидан бўлсанг керак-а?", деди. Сиддиқ:
"Ҳа", деб жавоб берди.
"Курайшликмисан?"
"Ҳа, шундай"
Аздлик киши яна деди:
"Сен Таймий қабиласидан бўлсанг керак?"
"Ҳа".
"Сен тўғрингда мени бир нарса ўйлантиряпти?"
Абу Бакр унга савол назари билан боқди.
Аздлик киши айтди:
"Мен бир хабар эшитдим".
"Нима экан у? Аввал айт-чи?"
"Билишимга қараганда, яқинда Маккадан бир пайғамбар чиқади. Ёш ёки ўрта ёш, оқ юзли, озғин ва қорни ичига кирган бир киши унга ёрдам беради. У бало-офат ва кийинчиликларни енгиб ўтади. Унинг қорнида бир шаммома (хушбўйлик белгиси) ва чап сонида бир аломати бор".
Атийқ қорнини очиб, киндиги устида ва чап сонидаги белгиларни кўрди.
Аздлик киши овозининг борича:
"Каъбанинг Роббига қасамки, сен ўшасан", деб қичқирди.
Тижорат тугаганидан сўнг Маккага қайтиш вақтида аздлик киши Абу Бакрнинг ёнига келиб:
"Сен менинг шеърларимдан мана бу байтларни ёдлаб ол. Бу ҳақда пайғамбарингга етказасан", деб шеър ўкий бошлади. Абу Бакр у байтларни ёдлаб олди.
Тижорат сафаридан қайтгач, у кишининг ҳузурига Қурайш қабиласининг улуғлари - Уқба ибн Абу Муъайт, Робиънинг икки ўғли Утба ва Шайба, Амр ибн Ҳишом ва Ос ибн Воиллар келишди. Улар:
"Эй Атийқ, Абу Толибнинг асраб олган боласи пайғамбарликни даъво қиляпти. Агар сен у билан кўришишни истамасанг, биз ҳам у билан кўришишни истамаймиз", дейишди.
Уларни яхшилик қилишга буюрди. Сўнгра Пайғамбаримизнинг уйларига бориб эшикни таққиллатди ва киришга изн сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом чиқдилар ва у кишини:
"Аллоҳ сени дўзахдан халос этди", - дея қарши олдилар.
Абу Бакр Муҳаммад алайҳиссаломга қаради ва йўлдаги воқеаларни эслади. Тушда кўрганларини кўз олдига келтирди. Пайғамбаримиз с.а.в. Абу Бакрга айтдиларки:
"Эй Абу Бакр, мен Аллоҳнинг сенга ва жамийки ер юзидаги инсонларга юборган элчисиман. Менинг пайғамбарлигимга ва Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтир".
Шунда Абу Бакр (р.а.) сўради:
"Бунга қандай далилингиз бор?"
Ростгўйлар ростгўйи бўлган Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
"Сенга сафарда аздлик шайх берган байтлар" ёдингдами?
Абу Бакрга роҳиб бу байтларни ўргатган вактда олдиларида ҳеч ким йўқ эди. Абу Бакр хурсанд бўлиб сўради:
"Эй дўстим, сизга бу хабарни ким етказди?"
Ҳаводан олиб гапирмайдиган зот Расулуллоҳ алайҳиссалом:
"Мендан олдин келган пайғамбарларга ҳам бундай хабарларни етказган улуғ фаришта", дедилар.
Абу Бакр ибн Абу Қаҳофа бу сўзларга шубҳаланиб тараддудланмади, балки ҳеч иккиланмай рисолани тасдиқлади.
"Менга қўлингизни беринг. Мен гувоҳлик бериб айтаманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва албатта сиз Аллоҳнинг расулидирсиз", деб Расулуллоҳнинг ҳузуридан хурсанд ҳолда чиқди ва исломни қабул қилган илк эркак киши бўлди.
(Расулуллоҳнинг издошлари. Абдулазиз Шанавий. ziyouz.com kutubxonasi)
Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. "Икром ҳожи" жомеъ масжиди имом хатиби