forum.ziyouz.com

Kutubxona => Jahon adabiyoti => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 13 Iyun 2008, 08:48:37

Nom: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: AbdulAziz 13 Iyun 2008, 08:48:37
Lesli Uoller. Bankir (roman)

(http://ziyouz.com/images/books/bankir3.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=164)

Muallif: Lesli Uoller
Hajmi: 2,03 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=164)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=2596.0)
Nom: Re: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: AbdulAziz 05 Mart 2010, 17:05:06
Лесли УОЛЛЕР

БАНКИР

Роман


Биринчи боб

Кун охирида қуёш чўғдай қизарди. У худди аланга олиб, ўз оловида ёниб кетадиганга ўхшарди. Тезда уфққа ёнбошлаб, каҳрабо нурлари билан Лонг-Айленд-Саунд бўйлаб бир-бирини қувлаётган тўлқинлар ўркачидаги кўпикларга санчилди.
— Шамол авжига чиқаяпти, — деди Палмер кекса яхтачига қараб.
— Ташвишланадиган жойи йўқ, — дея жавоб берди қария. Бошқарувни Палмерга топшираркан чаққонлик билан арқонни грот-мачтага тортиб маҳкам боғлади.
Палмер қариянинг қаддини ростлаб, бошини сал қийшайтирганча шамол шиширган кема олд елканини кузатаётганига қараб турарди. Чолнинг бақувват танаси тўлқинлар тебратаётган яхта билан бирга у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
— Ўнгга буринг, — деди у Палмерга. — тўғри соҳил минорасига қараб ҳайданг.
Бэркхардт унга умуман қарамаётганини унутган Палмер бош ирғаб қўйди.
«Қария кун бўйи мени кузатаётганини билдирмади-я», — деб қўйди ўзича Палмер. Ҳолбуки, Беркхардт бундай сайрга ягона мақсад — Палмерни шахсан синаб кўриш учун таклиф этганди.
— Каналнинг этаги — Минорадан чапда, — деди Бэркхардт.
У қайрилиб қаради ва мовий кўзлари Палмернинг юзига тушди.
— Тўхташ жойига юравер, — деди қария ва юзини ўгирди. Энди Бэркхардт кема тумшуғи елкани соясида эди, трубкасини олиб унга тамаки жойлай бошлади. Шу дамда уни дунёдаги ҳеч нарса қизиқтирмаётгандек эди.
Қирғоқдан эсаётган шамол эса борган сари кучайиб борарди. Палмер яхтанинг силкиниб, олдинга энгашганини ҳис қилди. У шошганича рулни айлантирадиган дастакни бўшатди, мачта аста-секин тик ҳолига қайтди.
Соҳилга етай деганда яхтани чўктириб юбориш ажойиб сайру саёҳатнинг муваффақиятли якуни бўлиши мумкин эмас, — деган қарорга келди  Палмер. Агар Бэркхардт сузишни истамаса, майлига, ихтиёрида эртанги кун бор ҳали. Ҳарҳолда, қария ўзининг шанбалик ҳордиғини бузмоқчи эмас.
— Энди анқайма, кўзингга қара,— бақирди Бэркхардт. — Рулни ўнгга бур ва ҳайдайвер.
Палмер «хўп» дегандай бош ирғади. У сайрнинг энг нозик палласи бошланганини ҳис этганди. Палмер ўз ишининг аҳволи Чикагода Бэркхардт идораси томонидан жиддий текшириб чиқилганига шубҳа қилмасди. Унинг оилавий аҳволи ҳам қарияга яхши маълум эди, миссис Бэркхардт эрталабки нонушта пайти яна қандайдир далилларни аниқлашга уриниб кўрди. Бироқ, айнан ҳозир, худди шу дақиқада, унинг шахсий фазилатлари ўрганилмоқда.
— Тўғрилаб қўя қол! — бақирди Бэркхардт.
Палмер: «хўп бўлади, сэр» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, ўйлаб кўриб, индамай қўя қолди. У румпелни1 маҳкам ушлаб, яхтани тўғри портга ҳайдади. Грот-мачтадаги елкан шамолда шишиб, яхта шиддат билан олға интилди.
Соҳил аниқ кўрина бошлади. Палмер кузатув минорасидаги қизил калта иштон кийган денгизчининг қиёфасини аниқ кўра бошлади. Яхта шитоб билан соҳилга қараб борарди. Палмер иккита йўл-йўл соябонни ва дамлама солни кўрди, лекин канал этагига кириш йўлини сира илғай олмади.
— Канал этаги минорадан ўнгдами? — бақирди Палмер.
— Ўнг борт томонда! — жавоб берди Бэркхардт.
Палмер тишларини ғижирлатди. Қария, шубҳасиз, имтиҳон варағимга баҳолар қўя бошлади, ўйлади у. Бу баҳолар, афтидан, унча муҳиммас.
Соҳил даҳшатли тезлик билан Палмерга қараб бостириб кела бошлади. Юраги ташвишли оҳангда, гурсиллаб урарди. Минора, болалар, соябонлар, чўмилиш хоналари, балиқчи қайиқлари — ҳаммаси кафтдагидек кўриниб турарди. Фақат каналнинг этаги кўринмасди. Мичиган кўлида, якка мачтали елканли кемаси ёки ота-онасининг қирқ метрли яхтасида у ўзини мутлақо эркин тутарди. У ерда мўлжал ва масофа таниш бўлганидан, ҳатто мана шундай шитоб кетиб бораётган яхтани тўхтатиш унинг учун одатдагидай таниш, ёқимли иш эди. Бу ерда, нотаниш сувларда эса, яхтани тўхташ жойига етказиш азоб-уқубат.
— Худди шундай бошқаравер! — қичқирди Бэркхардт.
Палмер румпелни қўйиб юборди, қайиқ оҳиста бурила бошлади, шамолдан шишиб турган елканлар шалвираб қолди. Тўсатдан чўккан сукунатда Палмернинг рўпарасида қоялар тўсиб турган кириш каналининг этаги пайдо бўлди.
— Яхтани каналга олиб кир, — деди Бэркхардт.
Лекин қайиқ йўналишдан чалғиган эди. Палмер яна елканларни енгилгина тортиб, йўналишни оҳиста тўғрилаган ҳолда қайиқни каналнинг тошлоқ этаги орқали соҳилнинг сокин сувларига олиб кирди. Ўнг томонда, бир неча юз ярд2 масофада Бэркхардтнинг қайиқлар саройи — шамоллар шиддатида ҳилпираб турган қизил вимпелли мўжазгина иншоот кўзга ташланарди. Мазкур сарой нимаси биландир Кейп Коднинг миттигина аксини эслатиб турарди. Эҳтимол, Бэркхардт ҳозир шу уйча ҳақида гапириб қолар, деб ўйлади Палмер. Лекин ўша заҳотиёқ қария яхтага оид барча ташвишларни унинг ўзига ташлаб қўйиб, трубкасини қўллари билан шамолдан тўсиб ўт олдиришга урина¬ётганини ҳис этди.
Палмер кутилмаган дадиллик билан елканларни яна шамолга тўғрилади. Қайиқ тўхташ жойига қараб сузди. Агар у мени шу тариқа синаб кўраётган бўлса, ўйлади алам билан Палмер, сайримиз сўнгига бориб юраги тўхтаб қолса, ўзидан кўрсин.
Яхта тўғри тўхташ жойига қараб борар, бандаргоҳ кўринишлари йириклашиб ва яқинлашиб келарди. Фақат энг сўнгги дақиқалардагина Палмер румпелни кескин айлантирди, қайиқ ўнг бортга қараб бурилди. Елканлари туширилган яхта тезлигини пасайтирди, йўналишини сал ўзгартирди. У ҳаракатдан қарийб тўхтаган кўйи арқон боғланадиган қозиқларга тақалиб борди.
— Яхши эпладинг, — деди қария.
У ўрнидан турди, арқонни қўлида ушлаганича чаққонлик билан причал3 томон ўтди-да, арқонни устунга илди. — Мен ҳам худди шундай қилган эдим. — қўшиб қўйди тахта тўшамали причалга сакраб ўтаркан. — Вуди, қани, менга арқоннинг учини ташлаб юбор-чи. Кейин шағал тош тўкилган, бош бинога олиб борувчи узун йўлак бўйлаб аста юриб кетди. У йўл-йўлакай свитерини ечиб елкасига ташлаб олди.
— Кечга бориб салқин тушади, — минғирлади у.
— Августнинг охири, ахир, — нима ҳам қилардик. — Палмер кўз қири билан улкан эманга нигоҳ ташлади. Ундаги биттагина япроқ ҳам бандидан узилиб, ҳавода айлана-айлана йўлакка, уларнинг оёқлари тагига тушди.
— Одатда, байрам кунлари шаҳарга кўчиб ўтамиз. Эдис болалар билан ҳали келганича йўқ. Бу сафар улар мен қайтиб боргунимча кутиб туришади.
— Шундай қарорга ўзинг келдингми ёки хотинингми?
— Ўзим.
Улар анчагача индамай қияликдан кўтарилишди.
— Борди-ю, сен Нью-Йоркда бирор ҳафта ушланиб қолсанг-чи? Нима деб ўйлайсан, сенинг ёрдамингсиз бу ёққа кўчиб ўтишни эплармикин?
— Эплайди, албатта. — Палмер нафасини ростлаб олди: қиялик борган сари тикка кўтарилиб борарди. — Вуди, катта ўғлим ёрдам беради. У ўн беш ёшга тўлди.
— Ўғилларинг иккита эди, шекилли?
— Ўғиллар иккита, яна қизим Жерри ҳам бор. — Буларнинг ҳаммаси Бэркхардтга яхши маълум эканига Палмер шубҳаланмасди. Лекин нега энди ўзини билмасликка олаётганини тушуниб бўлмасди. — Ҳадемай у ҳам ўнбир ёшга тўлади, — давом этди Палмер, — у Вудидан кейин, иккинчи бўлиб дунёга келди.
Бэркхардт энди индамай борарди, Палмер бирдан тушунди, қария нафас олишга қийналаётганини яширишга уринарди. Аста-секин йўл текисланди, улар дўнгликнинг энг тепасига кўтарилишди. Бэркхардтнинг ҳашамдор уйи улар олдида намоён бўлди. Ботаётган қуёш нурида уйнинг зангори қопламаси яшилроқ кўриниб кетди.
Қурилиш услубининг ҳашамдорлигига қарамай, уй яхши таассурот қолдираркан деб ўйлади Палмер. Марказий иншоот икки қават ҳамда бўй-басти бўйича устунли пешайвонга  эга эди. Ўнг қанотда, афтидан, истиқоматгоҳлар, чапда эса хонадондан уй ортидаги боққа тўғри олиб чиқувчи йўлак билан чегараланган эди. Иморатнинг умумий кўриниши, айниқса, ҳайратга соларди...
— Мен сендан бу ҳақда сўраган эдим, — нафасини ростлаб олган Бэркхардт унинг фикрини бўлди. — Борди-ю, Нью-Йоркда яна бир неча кун қоладиган бўлсанг, бу сенинг оилангни қийин аҳволга солиб қўймайдими?
— Улар бунга аллақачон кўникиб қолишди.
Бэркхардтнинг кичик-кичик, аммо ўткир кўзлари ўша заҳоти у томонга қадалди. Лекин Палмер нигоҳини аллақачон четга бурганди.
— Отанг пайтида у ёқ-бу ёққа бориб туришга тўғри келмасди, шекилли?
— Уруш бошлангач, вақт-вақти билан боришга тўғри келарди.
— Гаровга нарса қўйиш муносабати биланми? — қизиқди қария.
— Аввалига бу мол-мулкни баҳолаш билан боғлиқ бир иш эди, — деди Палмер. — уруш тугагандан кейин эса, мана, икки йилдирки, мен бутунлай бошқа иш билан бандман. Биз қарз берамиз... — унинг овози ўчди, бирданига бу майда-чуйда гаплар қария учун зерикарли эканини англаб қолди.
— Менинг билишимча, сен бир вақтлар Кредит бошқармасида ишлардинг.
— Ҳа, уруш олдидан. Жуда оз ишлаганман. 1950-1951 йиллар оралиғида, — қўшимча қилди Палмер, — мен тижорат қарзи билан боғлиқ ишларда қўл қабартирганман.
— Сенинг отанг банкир ҳамма нарсани билиши керак, деб ҳисобларкан, шу ростми?
Бэркхардт бирдан тўхтади, тарошланмаган тошдан тикланган деворни суяб турувчи устунлардан бирига қараб қолди.
— Қандайдир ярамас, — деди у оҳиста, — чириган олма отган экан. Гўё каптарлар йил бўйи шу ерга ўтириб, мана шу устунни ахлати билан бежаб ташлагандай.
— Олма юқини сув билан ювиб кеткизса бўлар деб ўйлайман.
— Йўқ, мумкинмас, қуриб кетсин! Олма кислотаси куйдиради, уни кетказиб бўлмайди. У тошни оқартиради, — тўнғиллади қария. — Қум билан ишқалаш керак, шекилли! — Қария бошини чайқаганича бурилди-да, уйига қараб юрди. — Сен, шунингдек, матбуот ва реклама масалалари билан шуғулланардинг-а?
Палмер бу саволми ёки тасдиқлаш эканини унча тушунмади.
— Ҳа, шундай бўлганди, — дея жавоб берди у қариянинг сўзи оҳангида.
— Бундан ўн беш йил бурун, — деди қария, — отанг рекламанинг аҳамиятини, матбуот билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш зарурлигини яхши тушуниб етганига ишониш қийин. Аммо, шуни тан олиш керакки, отанг сени бу соҳага яхши тайёрлади. Ҳозирги пайтда банк билан матбуот алоқасини амалга ошираётган арбоблардан айримларигина банкнинг амалий жараёнларига тушунади. Буларнинг аксарияти журналистлар, реклама бўйича вакиллардир. Улар орасида банкирни учратмайсан.
— Бироқ, уларсиз ишнинг юритилиши ҳам қийин, — деди Палмер бепарвогина. — Агар қўл остида шу соҳа мутахассислари бўлмаганида нима ҳам қила олардим, ҳеч тассавур этолмайман.
— Албатта, уларнинг хизматидан фойдаланишга тўғри келади. Эндиликда бу йигитларнинг ошиғи олчи. — Бэркхардт гараж томонидан уйга олиб кирувчи ён эшикни очиб юборди. — Ана шундай тажрибага эга сенингдек кимсани қидириб топиш амри маҳол. Қани, кир ичкари.
Қоронғи даҳлизга киргач, пихини ёрган бу қари қирчанғи ўйиннинг охиригача қарталарини очармикан, деб сўради Палмер ўзидан. Ҳали савдо битмасдан туриб келишувдан хурсанд эканини ким ҳам тан оларди?
Уй олдида, қора-тилларанг йўллар билан бўялган бостирма остида, оғир мармар тахтали стол атрофида тартибсиз ҳолда тўқилган оромкурсилар турар, стол устида эса сигаретлар ва кулдонлар тайёрлаб қўйилган эди.
Палмер ҳаммомга кириб чиқди, кийинди ва энди оромкурсида ўтирганча чорбоққа қараб ҳузур қиларди. Осмонда кунботар шафақлари сўна бошлаганди. Бэркхардт унинг ёнига ўтирди, трубкасини тамаки билан тўлдирди-да, чека бошлади.
Бош хизматкор патнис келтириб столга қўйди ва девордаги тугмани босди. Ёнган чироқ ёруғида Палмер икки шиша виски, учта стакан, сифон ва муз солинган кумуш ҳалқали ёғоч челакчага кўзи тушди.
— Биласанми, — деди Бэркхардт, улар ўз оромкурсиларида қулайроқ жойлашиб, бир қултумдан виски ичганларидан сўнг, — одамлар энди ҳар қандай баҳоналар билан тўс-тўполон кўтармоқдалар. Эҳтимол, кўплар оддий нарсаларни мураккаблаштириш учун нималар қилаётганини ўзинг ҳам кўриб тургандирсан.
— Ҳа, бу янгилик эмас, — деди Палмер қария нимага шама қилаётганини тушунишга уриниб. — Мен шуни айтмоқчиманки, бизлар аввал ҳам шунга мойил эдик, шундай эмасми?
— Бизлар эмас, — эътироз билдирди Бэркхардт, — улар. Бундай чалкашликларни четлаб ўтиш банкирга қийин бўлгани йўқ деб ўйлайман.
— Сиз агар мавҳум ғояларни назарда тутаётган бўлсангиз, — давом этди Палмер, — у ҳолда бундай ғоялар оддий фуқаро учун жуда мураккаб кўринади. Улар авом учун қанчалар мураккаб кўринишини тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Мен аниқ тушунчалар ҳақида ҳам гапираяпман. Ҳамма нарса тўғрисида, — ўйлаб гапирди Бэркхардт. — Уйланиш. Ўлим. Фойда кўриш. Ҳокимият. Иш. Қимматчилик. Масала, шимни маҳкам ушлаб туриш учун камарми ёки елкалар оша тасма тақиб юриш маъқулми? — мана шунда. Умуман, минг бир майда-чуйда. Одамлар ҳамма соҳада пихини ёришди. Бундай бошбошдоқлик орасидан ўтиш амри маҳол бўлиб қолди.
Палмер диққат билан Бэркхардтга назар солди. Қария нимани назарда тутаяпти деб фаҳмлашга уринарди. Кекса банкирнинг калта олинган оппоқ сочлари бошини хира ёритаётган чироқ нурида кумушдан қуйилганга ўхшаб кўринди. Унинг ўткир қирғий бурни кичик оғзи ва тўмтоқ ияги узра кескин чиқиб турарди.
Палмер вискини симирди. Кўп йиллик бўлса керак, деб ўйлади у ўзича: шишада ёрлиқ йўқ эди.
— Тушунарли, — минғирлади Палмер, гарчи ҳеч нарса тушунмаган бўлса ҳам ва бирдан ўзини ёмон аҳволга солганини ҳис қилди. Бу аҳволдан чиқиб кетиш қийин эди. Ушбу ҳолат унга отаси олдида ҳам қийин аҳволга тушиб қолган пайтларини эслатди. Бундан ўзи ҳам неча йиллар изза бўлиб юрганди.
У яна бир қултум виски сипқорди-да, ўзи учун кутилмаган бир тахлитда:
— Йўқ, тўхтанг, — деб қолди. — Ўлай агар, айтган гапларингиздан бирор нарса тушунган бўлсам! — У кафтлари намиққанини ҳис қилди. Энди у ўзини тутиб туролмайди, дилидаги гапини рўйирост айтади. Ахир бир соат олдин ўз жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам Бэркхардтнинг яхтасини причалга олиб киришдан тап тортмаган эди-ку. Ўзи бу қарияда нимадир бор эди ва худди ана шу нарса Палмерни унинг орқасига боплаб тепки туширишга ундарди. Худди отаси билан бўлгани сингари ўзини ҳамиша исканжада тутиб туриш—йўқ, Палмер бунга асло кўнмайди.
Бэркхардт кулиб юборди. Шунча вақт ичида бу унинг биринчи бор кулиши эди.
— Вуди, — деди у, — оилада кенжатой бўлганингни  ҳисобга олиб, отанг сен билан жиддий шуғулланган деб ҳисоблайман. Гарчи сен, эҳтимол, буни қадрламасанг ҳам. — У қўлини силкиган эди, стаканидаги муз парчалари шиқирлаб кетди.
— Сен ўзинг бизнинг биринчи бор учрашганимизни эслайсанми?
— Чикагодами?
— Уиннеткда, сенинг отангникида, — деди Бэркхардт. — Бу турғунликдан икки йил олдин бўлганди. Буванг ҳали тирик эди. Ўшанда неча ёшда эдинг? Ўн бирдами?
— Ҳа, шундай.
— Ўшанда ҳаммаларинг бирга яшардингиз. Онанг, аканг Хэнли ва сен. Аканг Хэнли тирик эди. Жуда қизиқувчан бола эди-да. Сен бўлсанг, негадир одамлардан ўзингни олиб қочардинг. Булар ҳаммаси яхши эсимда. Биз отанг билан молиявий тангликдан кейингина, йигирманчи йиллар охири, ўттизинчи йил бошларида қайта учрашдик. Бу пайтга келиб у онанг билан ажрашган эди.
— Ҳа, тўғри.
— Хэнли ўшанда неча ёшда эди? Ўн бешда, — фикрини овоз чиқариб айтгандай деди Бэркхардт. — У жуда эътиборли ва садоқатли фарзанд эди. Ёзги таътил пайтлари у банкда ишлай бошлаганди. Сен бўлсанг, менингча, унинг қизиқишларига мойил эмасмидинг, тўғрими?
Палмер дарҳол жавоб бермади. Бэркхардт жуда синчков эди, бироқ кекса Палмер ва унинг ўғиллари ҳақидаги ҳақиқатни билишга ҳеч ким муваффақ бўлолмаганди.
— Ҳа, мен бу билан анча кейинроқ қизиқа бошлагандим, — минғирлади Палмер.
У қариянинг нима дейишини билишни истарди. Чол у ҳақда нималарни биларкан? Ҳозир Бэркхардт унинг сиймосида содиқ ва меҳрибон фарзандни, отасининг жонкуяр ворисини кўришни истарди.
— Сени ҳамиша бошқа нарсалар қизиқтирарди, — таъкидлади Бэркхардт. — Эсимда, ўшанда сен бу ерда, шарқий соҳилда қандайдир воқеага аралашиб қолгандинг. Бу Рэдклиф ёхуд Смит коллежидан бир қиз билан боғлиқ эди афтидан?
Палмер чўзиб тиржайди.
— Бу сиз қайси воқеани назарда тутяётганингиз билан боғлиқ.
Беркхардт кулди. Бу унинг иккинчи бор кулиши эди.
— Кейин эса, — давом этди у, — уруш вақтида сен бир неча бор ўлимдан қолдинг. Махсус хизмат топшириғимиди?
— О, унчалик эмас! Оддий ҳарбий топшириқ эди.
Бэркхардт бир неча дақиқа трубкасини сўрганича жим ўтирди.
— Балки урушдан кейин, уйингда жойлашиб, ўз ишнинг билан шуғуллана бошлагач, анча енгил тортгандирсан?
Палмер шошмасдан вискини ичишда давом этди. Хавфли дамлар ўтиб кетди.
— Ҳа, албатта, — у ёлғон гапирди.
— Мен бўлсам, сени ҳамон ўн бир ёшли, юввош, ўз ҳаётий қарашларига эга болакай сифатида эслайман.
— Мен ҳали ҳаётга ўз қарашлари бўлмаган бирорта ҳам ўн бир ёшли болакайни учратганим йўқ.
— Сен ўшанда Хэнли ёрдамида Линдберг самолётининг моделини ясагандинг, худди ҳозиргидек эсимда: каттакон модел, жин урсин, узунлиги қарийб бир метр келарди. Сен ўз қурилмангда олис-олисларга учиб кетаман деб туриб олгандинг, ўша жойни эса Ки-бер-Пасс деб атагандинг.
— Бўлмасам-чи, — деди Палмер, — ўша пайтда фантастик саргузаштлар китобини кўп ўқирдим. Китобни Хэнлидан олгандим. Ўша йилни мен ҳам яхши эслайман.
— Эсингдами, онанг сени кўндиришга қанча уринганди: «Кераги йўқ, учиб кетма, Вуди, бу жуда узоқ-ку. Биз бошқа кўриша олмаймиз!» дерди онанг. Сен бўлсанг: «Ҳечқиси йўқ. Эртадан кейин уйга қайтиб учиб келаман» дердинг... Ажойиб, ёшликда келажакни тасаввур қилиш жуда осон! Бироқ, она учун бу унчалар осон кечмасди. Ўша пайтда мен ҳам бунга ишонолмасдим. Мана, ҳаммаси ўзгарди, гўё бир кунда юз бергандек.
— Ҳа, қарийб ҳаммаси шундай, орадан атиги бир неча ўн йил ўтди, холос, — деди Палмер.
— Хўш, нима демоқчилигим сенга тушунарлими? — бирдан кескин сўради Бэркхардт. — Одамлар энг оддий нарсаларни мураккаблаштиришга мойил. Бунинг ҳаммаси оддий нарсалар эканини кўриш учун алоҳида ақл тузилиши керак.
— Алоҳида ақл тузилиши... бунга ё банкир, ёки гўдак эга бўлиши мумкин.
Қария тағин кулди ва стаканидаги вискини ичиб тугатди.
— Шу десанг, ҳозирги пайтда одамлар нималар билан шуғулланмайди, — деди у ниҳоят. — Ғарб тамаддуни ҳақида, эркин дунё тўғрисидаги улуғвор ғояларни айтмайсанми. Ҳозир фақат шулар ҳақида эшитасан, холос.
— Бу табиий, чунки одамлар ташвишда... — Палмер жимиб қолди, у кекса банкир фикри риштасини йўқотиб қўйди, деб ўйлади.
— Уларнинг ташвиш тортишига ҳожат йўқ. Ҳамма нарсани чалкаштириб юборишмаса бўлгани.
Бэркхардт бироз олдинга энгашди, шундан гавдаси бирданига катта кўриниб кетди.
— Айтайлик, ўша «эркин дунё»ни олайлик, — у стаканига тикилганича сўзида давом этди. — Бошқача айтганда, бизнинг ярим шаримиз ва бутун Европани, «темир парда» ортидаги мамлакатлар бундан мустасно, албатта. Ахир, биз буни шундай тушунамиз.
— Шундай.
— Шундай экан, — Бэркхардт қаддини ростлади ва унинг овозида бирданига тантанавор оҳанглар эшитилди. — «Эркин дунё» ҳақида гапирганингда, сен капитализмни назарда тутасан, капитализм тўғрисида гапирганингда эса Америка Қўшма Штатларини ўйлайсан, чунки уни биз бошқарамиз. Қўшма Штатлар ҳақида гапираркансан, сен банкларни назарда тутасан, чунки пулни айнан банклар беради. Шу тариқа: сен банклар деганингда, улар орасидаги энг нуфузлилари, яъни «Юнайтед бэнк»ни кўзда тутасан. Чунки энг йирик банк шу. — Қариянинг кичик-кичик мовий кўзлари Палмерга жуда жиддий тикилди. — Сен «Юнайтед бэнк» деганингда эса, — унинг овози кутилмаганда жуда паст эшитилди, — демак сен мен ҳақимда гапирасан.
Орага бир неча сониялик жимлик чўкди. Палмер қария ўтирган оромкурси ғижирлаганини эшитди.
— Мен худди мана шу ҳақда гапираяпман, — хулоса қилди қария. — Ҳамма нарсага оддийроқ қараш лозим. Менга банкнинг биринчи вице-президенти керак. Ўз вазифангни бажаришга қачон киришасан?


Иккинчи боб

Душанба куни Палмер Гранд Сентрал станциясида ерости йўлидан чиқди-да, эрталабки қуёшнинг ёрқин нуридан кўзи қамашиб, бир зум тўхтаб қолди. У ишга шошаётган кишиларга нигоҳ ташлади, Парк-авеню бўйлаб «Меррей Хилл» маҳалласи йўналишида кетаётган аёллар пошналарининг тақиллашига қулоқ солди.
Пастлаб ёйилган эрталабки туман ўткинчиларнинг тунд юзларидаги ташвиш соясини анча юмшатди. Улар кўзларини дадил тикканларича олға интилардилар. Аёлларнинг лаблари қон томаётган ярадек қизил, пешаналарига ажин тўр ташлаганди. Шаҳар аҳолисининг юзи душанбада қуёш нурида ранг-баранг кўринади.
Палмер бир қўлидаги саквояжини гўё унинг оғирлигини чамалаётгандек, иккинчи қўлига олди-да, такси топиш илинжида Парк-авенюнинг чап томонига ўтди. Бундан йигирма дақиқа олдин Бэркхардтнинг ҳайдовчиси иккаласини «флитвуд»да Ван-Кортленд паркидаги метро бекатига элтиб қўйганди. Парк эрталабки шудрингдан нам эди. Улар ерости экспресси вагонига ўтириб, газета ўқишга тутиндилар ва йўл бўйи лом-мим демай ўқишда давом этдилар. Гранд Сентрал бекатида Палмер метродан чиқди.
Пуританлик бемаъниликдан бошқа нарса эмас, ўйларди Палмер. Қолаверса, бу хислат шарқий соҳилдаги бошқа банкирларга ҳам хосдир. Бэркхардт шаҳар чеккасида ўзининг уйи жойлашган Коннектикутдан Нью-Йорккача шахсий «флитвуд»ида бориши мумкин эди. Бироқ, Бронксдаги метро станциясидан нари ўтмасди. У ердан эса ўн беш центга ерости йўли билан Броуд-стритга етиб оларди. Эҳтимол, унинг пуританлик виждони бунга йўл қўймагандир.
Йўқ, деган қарорга келди Палмер, бу ишга виждоннинг умуман алоқаси йўқ: Бэркхардт метро уни Нью-Йорк марказигача автомобилга нисбатан анча тез элтиб қўйишини аллақачон ҳисоблаб чиққан. Бронксдаги сўнгги станция эса бутун йўл бўйи вагонда ўтириб бориш учун анча қулай.
Палмер Парк-авеню бўйлаб жанубга қараб жадал юриб кетди. У қўлидаги саквояжини силтаб борарди. Чекиб олиш учун тўхтаган эди, орқадан келиб унга тенглашган аёлнинг сонига туртиб юборишига сал қолди.
Нега энди мен мунча қўл силтаб қолдим? — дея ўйга толди Палмер, бу балки ҳаяжондир: шунча вақт у Бэркхардт билан юриб, юксак лавозимга тайинланганини, ўзини қамраган қувончни ошкор қилмасликка уринган эди-да.
Йўлни очиб берган светофорнинг ишорасига қараб, Палмер ёш жувон ортидан чаққон юриб кетди. У аёлнинг сонлари ҳаракатидан кўз узмай борарди. Аёл ўттиз тўққизинчи кўчага бурилди. Палмер бурчакда тўхтаб, уни нигоҳи билан кузатиб қолди. Нимадир юрагини қисди. Кўзларини юмиб, томоғида қотиб қолган ҳавони зўрға ютди. Унинг боши айланди, юзи қизиб кетди. У шу заҳоти кўзини очди. Ўзини йиқилиб кетаётгандек ҳис этди. Қулаб тушмаслик учун бир қадам орқага тисарилди. Жувон эса оломон орасида кўринмай кетди.
Палмер чуқур нафас олди, кўчани кесиб ўтиб, оҳиста олдинга юрди, бурчакдан бурилди-да, «Юнион лиг» клуби биносининг айланма эшигини итарди. Машиналар сигнали, автобуслар тормозларининг ғижирлаши, аёллар пошналарининг тақ-туқи ортда қолди. Уни хотиржам сукунат қамраб олди. Палмер йўлакнинг чап томонидаги зина ёнида кўп йиллардан бери турган баланд бўйли негрга имо қилди.
— Хайрли тонг, мистер Палмер, сэр.
— Хайрли тонг, — худди ушбу салом-аликни ўз вақтида эканми дея текширгандай ўз соатига қаради ва саквояжини унга тутқазиб, соат тўққизгача ҳали беш дақиқа борлигини қайд этди.
— Хонангизга олиб борайми, сэр?
— Ҳа, албатта, — деди Палмер. У тўғри лифтга бормоқчи эди, лекин бурилди-да, Доу-Жонс индексли1 телетайпдан ҳамда биржа янгиликларидан хабар олиш учун шошилди.
Биржа очилишига ҳали вақт борлиги учун Палмер акциялар нархининг сўнгги ҳафта маълумотини шошилиб кўздан кечирди. Кейин у лифт хонасига кирди ва унинг юмшоқ кўтарилаётганини ҳис этди.
Лифт тўхтади. Палмер саквояжини хонасига элтаётган негр орқасидан юрди. Хизматчи қўлидаги юкни икки кишилик улкан каравот ёнидаги махсус стулга қўйиб, деразани очди.
— Қандай кўрсатма бўлади, мистер Палмер?
Палмер бош чайқамоқчи эди-ю, бирдан фикридан қайтди:
— Биласанми нима, — деди у, — менга «Чикаго трибюн» ва «Уолл-стрит жорнэл»дан топиб кел...
— Хўп бўлади, сэр. Агар сизга тамаддинома керак бўлса, у ёзув столи тортмасида, сэр.
— Раҳмат, нонушта қилганман.
— Ихтиёрингиз, сэр.
Хизматчи ортидан эшик шовқинсиз ёпилди.
Палмер каравотга ўтирди. У катта чамадондан буюмлар олиниб, унинг уч кун йўқлиги пайтида жавон токчаларига тахлаб қўйилганлигини сезди. Иккита костюми дазмолланиб, девордаги жавонга илиб қўйилибди. Палмер у ҳали Нью-Йоркда эканлигида яна нималар қилиши кераклигини эслашга уриниб кўрди, бироқ сафарнинг асосий мақсадига эришилгани туфайли, энди нима қилиши кераклигини билолмасди.
«Юнайтед бэнк»нинг вице-президенти! Палмер ёстиққа бош қўйиб, каравотга рўй-рост чўзилди. Кекса молия корчалони ўз банкининг қудрати ҳақида гапирганда муболаға қилмаганди. Шубҳасиз, мамлакатнинг энг қудратли молия пишанги унинг қўлида эди. Чунки «Фёрст нешнл сити бэнк» ва «Бэнк оф Америка» сингари йирик банклар унга нисбатан иккинчи даражали ўринни эгаллар эдилар.
Қизиқ, «Юнайтед бэнк»нинг аввалги вице-президентлари шу лавозимни эгаллаганларида неча ёшда бўлган эканлар, дея ўйларди ётганича Палмер. Эллик беш ёшдами? Ёки олтмиш ёшда? Палмер кўзларини юмиб ўзича тасаввур қилмоқчи бўлди: бир ойдан сўнг молиявий хабарлар бўлимида:
«Юнайтед бэнк» 44 ёшли Палмерни вице-президент лавозимига тайинлайди» деган хабар босилса, газеталар қандай сарлавҳалар билан чиқаркан?
Чикаго газеталари бу эълонни хушхабардай ёритиши турган гап:
«Вудс Палмер-кичик «Юнайтед бэнк»нинг вице-президенти қилиб тайин¬ланди. Ушбу лавозимда Палмер ўтмишдошлари ичида энг ёшидир».
Эшик оҳиста тақиллади.
— Киринг, — деди Палмер ўрнидан туриб ўтираркан.
Югурдак негр кирди.
— «Чикаго трибюн», сэр, — деди у. — Яна «Уолл-стрит жорнэл». — у бир пас жим турди-да, қўшиб қўйди: — «Трибюн»ни эндигина тушира бошлашди, «Коммодор Вандербилт» отели учун, сэр. Гранд Сентралда ошнам бор, ҳар куни эрталаб у менга биттадан газета олиб келади.
— Жуда соз, — деди Палмер. У чойчақа учун шими чўнтагига қўл солган эди, негр бола чойчақа кутиб ўтирмади, фақат Палмерга бош ирғаб, бурилди-да, хонадан чиқди.
Бир ўзи ёлғиз қолгач, Палмер газетани қўлига олди-да, саҳифаларни бирин-кетин шошмасдан варақлай бошлади. Унинг эътиборини автомобилнинг янги модели рекламаси тортди. Автомобил ёнида чўмилиш кийимидаги қиз тасвирланганди. У расмга қараб, бир зум қотиб турди, сўнг газетани қўлидан ташлаб юборди. Газета каравотдан сирғаниб, ерга тушди.
У телефон гўшагини кўтарди.
— Мени Уотервлит билан уланг, Висконсин, рақами беш-беш-ўн, икки қўнғироқ. — Палмер бир-оз кутгач, қайтарди: — Уотервлит. — Кейин гўшакни жойига қўйди. Юраги бежо ура бошлади, у тинчланиш учун чуқур нафас олди. Қизиқ, юраги нега типирчилаб қолдийкин? Эҳтимол, Эдис билан бўладиган суҳбатидан ҳаяжонланаётгандир, дея жавоб берди ўзига ўзи, айни пайтда бунинг ёлғон эканлигини ҳам ҳис этди.
Йўқ, ўйлади Палмер, Эдис билан бир неча кунга айрилиқ, балки у яна ҳафтача чўзилар, бунга дахлсиз. Уруш давридан буён уйидан неча бор айрилишга тўғри келган, амалий сафарлар билан мамлакат бўйлаб бир неча ҳафталаб айланиб юрган. Буларнинг ҳаммасининг на Эдисга, на унинг бу ерда ёлғиз яшаётганига, на телефонда бўлажак суҳбатга алоқаси бор.
Бироқ унга нима бўлди? Балки бунга янги лавозимга тайинлангани сабабдир?
У шифтга тикилди. Нега энди у тахминларга шунчалик қул бўлди? Ахир, қалбидан нималар кечаётганини ўзи яхши биларди-ку. У бирданига томоғи қуруқшаб қолганида, Нью-Йорк кўчаларида ҳар бир аёл зотини ютоқиб кузатганида буни яхши ҳис қиларди.
Эҳтимол, бу баҳордаёқ бошлангандир. Ёки бир оз кейинроқ, ёзда, Висконсиндаги дала ҳовлида яшаётган хотини ва болалари олдига ҳар шанба бориб турганида бошлангандир. Ўша пайт у ерда анави чўмилиш кийимидаги қизчалар ҳам бўларди. Ўша дамлари чидаб бўлмас даражада кечарди. Шаҳарда эса бутун хафта давомида тер тўкиб ишларди.
Фақат Нью-Йоркка мана шу сафаридан бир ҳафта олдин, августнинг охирида, ўзига нималар бўлаётганини пайқаб қолди. Бу компаниялар қўшилиши муносабати билан реклама ва ахборот бўлимининг мажлисида бўлган эди. Эркаклар эътиборини ўзига жалб қилишга ҳамиша муваффақ бўлиб келган Хэрман хоним чап оёғини ўнг оёғи устига, сўнгра ўнг оёғини чап оёғи устига шундай усталик билан олдики, Палмер унинг оёғи ва сонларини яхшироқ кўриб туриш учун стулнинг чеккасига сурилиб ўтирди. Ва, албатта, бу залдагиларнинг диққатини тортмасдан қолмади.
— Ҳа, эркаклик климакси1, — ўйлади Палмер. Худди шу пайт телефон жиринглаб қолди.
Палмер каравотга ўтирди. Энди унинг юраги хотиржам тепарди.
— Уотервлитни улаяпман, — деди телефончи қиз. Телефон икки бор таниш қўнғироғини тингларкан, у соатига қараб қўйди. Демак, Висконсинда саккизу йигирма. Яна икки бор қўнғироқ чалди. Эдис ўрнидан туриб, миссис Кэйж билан нонушта қилган бўлса керак. Болалар ҳали ухлашаётгандир. Яна қўнғироқ. Балки улар барчаси нонушта олдидан чўмилиш учун барвақтроқ туришгандир. Гарчи ҳозир кўлда сув анча салқин бўлса ҳам. Яна қўнғироқ. Ёки ҳали ҳеч ким турмаганмикин? Ҳа, шундай бўлса керак.Сўнгги қўнғироқ кескин жиринглади.
— Хэлло?
— Эдис? Хайрли тонг.
— Вой, ассалому алайкум, адажон, бу менман.
— Жерри? Уйғотиб юбордимми?
Телефон гўшагига қизнинг узоқ эснагани эшитилди.
— Йўқ, — деди Жерри. — Бизнинг чордоғимизда ари ин қўйибди. Улар мени эрталабдан уйғотади. Қаердан гапираяпсиз?
— Нью-Йоркдан. Қандай яшаяпсизлар?
— Жуда зўр.
— Вуди қандай? Том-чи?
— Жуда зўр.
— Ойингни телефонга чақир.
— Ойим ҳозир бу ерда йўқлар.
— Бўлмаса уни излаб топ, Жерри. Мен кутиб тураман.
— Мен қаердан қидиришни билмайман.
Палмер нафасини ростлади, хотиржам бўлишга уринди.
— Жерри, гўшакни қўй-да, уни чақир. Шундай бақирки, у эшитсин. Хўпми?
— Борди-ю, у уйғонмаган бўлса-чи? Агар бақирсам уйғотиб юбораман-ку.
— Менга қулоқ сол, — деди секингина Палмер. — Фол очишнинг ҳожати йўқ. Мен айтганимдай қил, Жерри. Ахир, мен жуда олисдан телефон қилаяпман-ку.
— Э-э... — қатъиятсизлик билан чўзди қизча ва бирдан шундай қичқира бошладики, отасининг қулоғини тешиб юборай деди: — Ойи! Ойи! Ҳой, Ойи!
— Гўшаккамас, Жерри!
— Ой-йи!
Ташлаб юборилган гўшак телефон столининг тахтасига тарақлаб урилди. Палмер қизи Жеррининг овози узоқлашиб бораётганини эшитиб турди. У яна ёстиққа бош қўйди ва қизининг эски уйлари бўйлаб қандай чопаётганини тасаввур қилди. Балки у ҳозир пижамададир, эҳтимол шортидадир. Жерри Палмерга ўхшарди, бу қиз учун жуда қулай, деб ўйларди у. У ёшига нисбатан анча бўйчан эди. Ўн бир ёшда онаси Эдис билан тенглашиб қолганди. Оёқлари Палмер оёқлари сингари узун, юзи ҳам отасининг юзига жуда ўхшаб кетарди. Жерридан зўр манекенчи чиқиши мумкин-да, ўйлади Палмер ва соатига қаради. Орадан беш дақиқа ўтибди. Агар гўшакка бақирса, Жерри эшитармикин? Қаёққа кетди экан-а?
Кўл бўйидаги уй Палмернинг буваси томонидан, Мак-Кинли ўлдирилишидан кўп ўтмай қурилганди. Уйдан кўлгача уч юз метрли тахта йўлак элтарди. Палмернинг хотирасида болалик чоғлари, ана ўша уйлари билан боғлиқ эсдаликлари сақланиб қолганди.
Палмер яна соатига қаради: саккиз дақиқа ўтибди. У каравот четига ўтириб, ерда сочилиб ётган «Трибюн» саҳифаларига қаради. Реклама саҳифасида чўмилиш кийимидаги қиз мафтункорона унга қараб турарди.
Бэркхардт бугунги кунни ЮБТКнинг1 раҳбар ҳодимлари билан кенгашга бағишламоқчи эди. Палмер Бэркхардтнинг ҳам қўнғироғини кутаётганди, у учрашув вақтини аниқлаштириш ниятида эди.
— Дада! — Жеррининг овози эшитилди.
— Эй, худо! — телефонни бунчалик банд тутиб туриш мумкин эмаслигини наҳотки тушунмасанг?..
— Мен ойимни тополмаяпман, — унинг гапини бўлди қизи.
— Майли, — деди Палмер жаҳли чиққанини билдирмасликка уриниб. — Унга айт... йўқ, яхшиси, қалам олиб ёз...
— Хўп бўлади.
— Ёзиб ол, — деди Палмер анча хотиржам овозда. — Биринчи вице-президент...
— Ёзаяпман. — Жимлик. — Вице-президент сўзида нечта «е» бор?
— Вой худойим-эй, Жерри!
Палмер ўзини сал босиб олиш учун чуқур нафас олди.
— Ёз: «Юнайтед бэнк энд траст ком...»
— Вой-вой. Юнайтед, қолгани нима?
Палмер кўзини юмди ва хотиржам овозда такрорлади:
— ... бэнк энд траст компани... Энди марҳамат, ёзганингни ўқиб бер-чи. — У диққат билан тинглади-да, тасдиқлаб, бош ирғаб қўйди. — Ойингга айт, мен шу лавозимга тайинландим...
— Энди биз Нью-Йоркка кўчиб ўтамизми? — сўради Жерри.
— Албатта.
— Дада! — инграб юборди Жерри.
— Қулоқ сол, мисс Палмер, сен ҳеч жиддий калтак еганмисан?
— Майли, майли, — хўрсинди қизча, — мен ҳаммасини айтиб қўяман. Лекин бу хабар бирортасини хурсанд қилармикин?
— Хайр, Жерри. — Палмер гўшакни қўйиб қўйди.
Қизиқ, президент сўзида нечта «е» бор эмиш! Гўё бу сўзни бошқача ёзиш мумкиндай!
Палмер ўзини ёстиққа ташлади ва юзини қўллари билан беркитди. Қулоқ сол, азизам, қулоқ сол, энди мен, қирқ тўрт ёшимда, мамлакатнинг энг катта банк¬и¬нинг лавозим бўйича иккинчи раҳбари бўлдим. Қулоқ сол, азизам, энди Чикагода ўлиб-тирилиб ишлашимнинг кераги йўқ. Хелло, азизам, хайрли кеч!
 У ўрнидан туриб пардоз столидаги кўзгу ёнига борди. Кўзлари остида пайдо бўлган шиш-қопчиқлар салқиган ва сал қорайган эди. Бэркхардтнинг  уйида ёмон ухлаганди. Яхтани нозик бошқарувдан сўнг лол қолдирган ғалаба уни бутунлай уйқудан маҳрум этганди.
Палмер Бешинчи авенюга очиладиган дераза ёнига келди ва паришон бир ҳолда ўтган-кетганларни кузата бошлади. У нимадир етишмаётганини ҳис этиб, оғир хўрсинди. Орадан бироз вақт ўтгач, оломонга қараб туриб, ўткинчилар орасидан аёл кишини қидираётганини тушунди. Бироқ соат тўққиздан кейин уларнинг ҳаммаси иш жойларида эдилар. Палмер улардан қайсидир бири ишга кечикиб, унинг олдидан нозу карашма билан ўтиб қолар деган умидда анча туриб қолди.
Томоғига алланарса тиқилиб қолгандай бўлди, Палмер жон ҳолатда уни ютди-да, деразадан ўгирилди. У оёғидаги пайпоғига нигоҳ ташлаб, ерда ётган газетанинг реклама саҳифасидаги чўмимлиш кийимида  ўзини кўз-кўз қилаётган қизни кўрди.
Телефон жиринглаб қолди. Палмер гўшакни кўтарди.
— Вуди? Биз соат ўн бирга яқин учрашишимиз мумкин. Хўпми? — деди Бэркхардт.
— Жуда соз.
— Демак, кўришгунча. — Бэркхардт гўшакни илди.
Палмер жавон тортмасидан кўйлагини олиб киймоқчи бўлди-ю, миссис Кэйж унинг ёқасида дазмолдан из қолдирганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. У бошқа кўйлакни олиб кияркан, хаёлан Бэркхардт билан телефондаги суҳбатга қайтди. Бу учрашув қандай бўларкан, деб ўйлади. Эҳтимол, учрашув норасмий тусда ўтар. Балки уни тор доирадаги хизматдошларига таништиришар. Уларнинг суҳбатида қанақа масалалар кўтарилиши мумкин.
Палмернинг устунлик томони унинг воқеани бошқалардан олдинроқ пайқаш қобилияти эди. Ҳозир  у буни билади. Авваллари бу қобилиятини ўзи пайқамасди ҳам. Буни биринчи бўлиб пайқаган одам отасининг вице-президенти Гарольд эди. Гарольд истеъфога чиқиб кетмоқчи эди, буни анчадан бери ўйлаб юрарди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг банк муайян кўламга эришди. Бироқ раҳбарликнинг мавжуд таркиби билан бундан кейинги равнақини кутиш амри маҳол эди. Палмернинг отасига қараганда Гарольд буни анча аниқ тасаввур қиларди. Ўша пайтда у бедаво дардга чалинганди. Бу пайтда Гарольд ҳам, Палмернинг отаси ҳам саксонни қоралаб қолишганди. Гарольд ўшанда вице-президент котиби вазифасини бажариб турган ёш Вудс банкнинг  вице-президенти лавозимига тайинланишини қатъий ёқлаб чиққанди.
— Сизларга эслатиб қўймоқчиманки, бу йигит эндигина ўттиз бешдан ошди! — дея эътироз билдирди Вудснинг отаси.
— Шундай, лекин унда сизнинг бошингиз бор, — жавоб берди Гарольд. — Бунинг устига, иккалангиз бир хил фикрлайсизлар. Иккови Палмернинг номзодини ошкора муҳокама қилардилар, гўё бу хонада, улар билан ёнма-ён Палмер йўқдай. Аслида эса Палмер ва яна банкнинг учта вице-президенти ҳам бор эди. Палмер отасининг ўрнини эгаллашга интилаётганига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Бу кундек равшан эди. Ҳар бир ота ўғли учун иш яратади, бу қуёш ҳар куни шарқдан чиқишидек тушунарли. Бироқ, агар ўғил отасининг ҳадясини қабул қилишни хоҳламаса, агар у ўз авлодининг омадсиз насли бўлса ва у ушбу кенгашда отаси ўлим тўшагида экани туфайлигина қатнашаётган бўлса-чи? Унда бу нарса ўғилгагина тааллуқли, нафсиламрини айтганда, бу унинг виждонига боғлиқ масаладир.
— У олдиндан кўра билиш қобилиятига эга, — деди Гарольд ўшанда. — Бундай қобилият фақат банкирлардагина бўлади. Бу — табиат инъом этган чинакам бебаҳо туҳфадир.
Орага жимлик чўкди. Палмер йўталиб олди-да, кулимсираб ҳазиллашди.
— Шу нарса яхши маълумки, электрон ҳисоблаш машиналари фирмаси янги ускуналар тайёрлаш устида иш олиб боряпти. Ана шу ускуналар бу масалани анча осон ҳал қилади...
Бошқа, тоза кўйлакни кияркан, Палмер ҳаммомдаги катта ойнада диққат билан ўзини кўздан кечирди. Ёш меросхўр шаҳзодани ўттиз беш ёшида кичик тахтга ўтқазиш унинг отасини ҳам, Палмернинг ўзини ҳам илҳомлантирмади. Бу ҳақда ўзи ҳатто эшитишни ҳам хоҳламади. Ҳозир эса у, анчагина катта қироллик — «Юнайтед бэнк энд траст компани» салтанатинининг кичик тахтига худди бўйнига бўйинтуруқ солгандай, ўтқазиб қўйилганди. Шу боисдан ҳам у дарҳол мамлакатдаги энг йирик банкнинг иккинчи раҳбари лавозимини эгаллаганди.
Палмер портфелига қараб қўйди. Бугун бўладиган амалий учрашувга ярайдиган бирор фойдали нарсани Мейген қоғозлари орасига қўйганмикан? Шундай қилиб, олдиндан кўра билишдек бебаҳо туйғу бугун яна асқотди. У портфелини очди, «Нью-Йорк банкларидаги аҳвол» маълумотномасини оҳиста варақлади, машинкада босилган қисқа шарҳларни қайта-қайта кўздан кечирди.
Нью-Йорк молия дунёсидаги ишлар барқарор эди. Зеро, мамлакатдаги барқарор вазият шуни тақозо этарди. Чунки Уолл-стрит бир вақтнинг ўзида Нью-Йорк билан алоқада бўлган штатлардаги минглаб банклар ўтказаётган сиёсатни ифода этарди. Палмер вазиятни чамалаб кўриб, аҳвол танглигини ҳис қилди. Чунки кредит туркуми бўғма илонга ўхшаб ўз-ўзини шу қадар қаттиқ чирмаб олган эдики, яна бироз ҳаракат қилса, ўз думини ютиб юбориши ҳеч гап эмасди.
Худди аввалги сингари янги пул оқимига, жамғармага ва нақд маблағга, яъни яшил банкнот1ларга талаб жуда катта эди. Зеро, бундай банкнотлар олинган пайтда банк кредитлари тарзида янги маблағларни вужудга келтирарди ва пул муомаласида улардан кенг фойдаланиш мумкин.
Хусусан, кредитлар билан бўладиган барча муаммо мана шундан иборат эди. Бутун мамлакат банкларга кредит топишда ёрдам беришга даъват этарди. Бултурги автомобилни янги русумдаги бу йилги машинага алмаштириш шарт деб ҳисобловчи ҳайдовчидан тортиб, омборларида тиқилиб ётган маҳсулоти ўрнига пўлат сотиб олиш учун пул олишга интилаётган Детройт заводчиларигача шунга ҳаракат қиларди.
Бироқ, ўйлади Палмер вужудга келган вазиятни ҳисобга оларкан, бу янги пуллар қаердан пайдо бўлди? Одамлар қандай қилиб пул жамғаришга муваффақ бўлдилар? Оддий малакали механик ойига 600 долларга етар-етмас, яъни йилига 7200 доллар иш ҳақи оларди. Даромад солиғи  чегириб ташланса, унда 6000 доллардан сал ортиқроқ пул қоларди. У яшаб турган уй камида ўн йилдан кейин қулаб тушишга мўлжаллаб қурилган эди. Бу эса унга қурилишнинг сотув нархидан икки баравар қимматга тушарди. Шу тариқа, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан насияга олинган уй йилига навбатдаги тўлов ва солиқлар тарзида камида 2000 долларни ютиб кетарди. Натижада ҳаёт кечириш учун 4000 долларга яқин пул қоларди. Шундан 2000 доллари автомобил ва уй буюмлари сотиб олиш билан боғлиқ тўловларга кетарди. Шундай қилиб, оддий америкалик хотини билан бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши ва уч фарзандини едириб-ичириб, кийинтириши-ю ўқиши учун йилига 2000 доллар, яъни ҳафтасига тақрибан 38 доллар қолади деб тахмин қилинади.
Палмер «Нью-Йорк банкларидаги аҳвол» маълумотномасини бир четга қўйиб, қарз олиб, қарз бериш ҳаётининг бу ҳаво пуфаги, ниҳоят, қачон ёриларкан деб бош қотира бошлади. Умуман, шу пуфак ёрилиши мумкинми? Бу ҳалокатнинг олдини олишнинг бирор чораси йўқмикин?
ЮБТК ёзувли маълумотномани олиб, варақлади-да, Палмер қарийб йигирманчи марта «Катта Одам» сарлавҳали қийқимга диққат билан тикилди. Мақоланинг  иккинчи устуни Бэркхардтнинг таржимаи ҳоли ва мартабаси ҳақида эди. Фотосуратда йигирма метрли яхта штурвалида келишган аммо, жаҳлдор Бэркхардт савлат тўкиб турарди. Сурат остига эса: «Лэйн Бэркхардт «Юнайтед бэнк энд траст компани» жиловдори» деган тагсўз ёзилганди. Ушбу бўлим Бэркхардтга моҳир яхтачи сифатида таъриф бериш билан бошланиб, истиораларга тўлиб тошганди:

 «Ўша унутилмас йилда, сентябр ойида, Бэркхардт денгиз шамоллари оқартириб юборган яхтачи қалпоғини ташлаб, эскириб ғижирлай бошлаган (1798 йилда қурилган) молиявий кема рулига ўтирди. Бу кема Нью-Йоркнинг Уолл-стритида «Юнайтед бэнк энд траст компани» номи билан машҳур эди. Пирл-Харбордаги 1941 йилги воқеалар пайтида кеманинг тақдири ишончли қўлларда, Бэркхардт назорати остида эди.
ЮБТК рулини бошқарувчи янги капитан назоратни шунчалик маҳорат билан қўлга олдики, ташвишли эллигинчи йиллар осон кечди, сўнгра мамлакатдаги энг йирик молиявий бунёдкорлик даври бошланди. Бу, албатта, қўшилиш йўли билан амалга оширилди. Шундай қилиб, Уолл-стритда «Чейз Манхэттен бэнк» ва «Фёрст нэшнл сити бэнк» сингари улкан кемалар қаторида қудратли ЮБТК ҳам сузишга чиқди. Шу тариқа, икки паҳлавон ёнига учинчиси қўшилди. Калифорния аҳли ҳамон фахр билан «Бэнк оф Америка»ни улкан деб ҳисоблардилар. Чунки ўшанда Нью-Йоркдаги банклар у билан беллаша олмасдилар.
Шу ҳафтада Лэйн Бэркхардт ва «Хадсон траст» вакили Пол Жерати тушлик пайти «Юнион лиг» клубида учрашишди. Тушлик сўнгида Беркхардт «Хадсон траст»ни элликта филиали билан биргаликда ютиб юборди. Шу тариқа «ЮБТК» бир сакрашдаёқ шунчалик олдинга ўтиб кетдики, эндиликда Нью-Йоркнинг улкан учлиги Бир қўшув Иккига айланди. «Юнайтэд бэнк» активидаги 12441 207 353 доллар «Бэнк оф Америка»нинг 11 миллиардидан ўзиб кетди.
Ўз тахминларини ошкор қилишни истамаган шум ниятли молиячилар Бэркхардтнинг ютган ёғли луқмасини ҳазм қилишига шубҳаналардилар. «Хадсон траст» портфели электроника ва ракетасозлик сингари нобарқарор тармоқлардаги ўта қалтис саноат заёмлари билан тўлиб кетган. Бу заёмлар молиявий танглик учун жиддий шароитни вужудга келтириши мумкин эди».

Газетадан олинган бу қийқимни четга олиб қўяр экан, Палмер Бэркхардт телефон қилганидан бери уни ташвишга солаётган масала ҳақида ўйлаб қолди.
У каравотдан турди, ўзига оро бергандай бўлди, яна кўзгу олдига борди, ўзига бир нигоҳ ташлади, бир зумга кўзларига тикилди. Шунда унинг эсига бир ҳафта бурун Чикагода телефондаги суҳбати тушди. Иссиқ ва рутубатли кун эди, тунд осмон бағрини чақмоқлар чақини тилиб ташларди. У эндигина матбуот конференциясидан чиққан. Конференцияда у отасининг банкини сотишга қарор қилгани ҳақида баёнот берганди. Палмер буни қўшилиш ниқоби остида амалга ошириш ниятида эди.
Унинг илҳоми келиб кетди, гўё ҳозиргина дадил ҳарбий юришни мувффақиятли амалга оширгандек эди. Лекин барибир, шу ишга киришар экан, у анча эҳтиёткор эди ва белгиланган анъаналарга амал қилиб, отаси вафотидан бир йил ўтишини кутди. Унинг банкдан ва у билан боғлиқ барча нарсадан тезроқ халос бўлишга қанчалар интилганини ҳеч ким фаҳмламади ҳам.
Аслида бу банкнинг меросхўри акаси Хэнли бўлиши керак эди. Хэнли укаси Вудсга қараганда анча вазмин ва кўнгилчан бўлиб, отасига унча ташвиш келтирмасди. Бироқ, 1941 йилнинг бошларида Хэнли отасининг измидан чиқиб кетди. У ҳарбий катерда Пенсаколадан денгизга чиқиб кетди-ю, шу бўйи қайтиб келмади...
Палмер кўзгудан ўгирилди-да, хаёлан Чикагога, ўша унутилмас кунга учди. Журналистлар матбуот конференцияси ўтган зални ҳозиргина тарк этишди. У бир ўзи қолди, эркнинг мастонавор кайфиятидан анчагина сархуш ўтирди. Унинг елкаларидан отаси банкининг оғир юки олиб ташланди. Шу юк билан бирга отаси унда уйғотган эзгувчи ҳис-туйғу ҳам йўқолди. Умрининг ярми ўтди, балки ундан кўпроғи ўтиб бўлди, лекин энди у яна ўзига ўзи хўжайин.
Худди шу пайт телефон жиринглаб қолди. Бу хизмат телефони эмас, шахсий телефони бўлиб, дафтарда қайд этилмаганди. Нью-Йоркдан қўнғироқ қилишаётганди. Гўшакда гапираётган Бэркхардт эди. Палмернинг матбуот конференциясидаги баёноти унга маълум бўлганди. Ҳали матбуотда босилмасдан олдин унга етказишганди.
— Вуди, — деди баланд овозда Бэркхардт, — олий тоифадаги командага ўтиш вақти келмадимикин?
— Нима, Чикаго олий нуфуздаги команда эмасми? — эътироз билдирди Палмер.
— Сўнгги йилларда матбуотдаги тасодифий мақолалар бирор аниқ асосга эга бўлдими? — саволга савол билан жавоб берди Бэркхардт. — Бошқача қилиб айтганда, ўз кучини ишга солиш учун фаолиятнинг кенгроқ майдонини изламаяпсанми?
— Фолиятнинг кенг майдони деганда нимани назарда тутаётганингизни тушунтириб беролмайсизми?
— Нима бало, буни сенга телефонда баён қиламан деб ўйлаяпсанми? — деди Бэркхардт.
Палмер бир дақиқа жим қолди, телефондаги суҳбат саволлар тарзида ўтди деб ўйлади Палмер, лекин уларнинг ҳеч қайси бири бу саволларга жавоб ололмади. Суҳбат жуда чўзилиб кетди шекилли, деган ўйда Палмер кулиб юборди:
— Мендек қишлоқи оддий одамга, сиз нью-йорклик банкчилар ўта устамонсизлар.
— Бўлмаса, тезда самолётга чиқ, — деди ўшанда Бэркхардт. — 17.40 да учасан, мен тайинлаб қўяман, сени Айдлуайлд аэропортида кутиб олишади...
Ҳечам-да, шошилишнинг кераги йўқ, ўзини тергади Палмер ва жавоб берди:
— Ҳозир-а? Йўқ, Лэйн, бу ерда менинг бироз ишларим бор, ҳатто, шу паст тоифадаги командада ҳам.
— Қанақа ишлар тағин? — сўради Бэркхардт. — Шундай бирлашишдан сўнг яна қандай ишларинг бўлиши мумкин? «Кирим» ва «Чиқим» жилдларими? Мен чиндан ҳам жиддий, ростакамига диққатга сазовор ишни назарда тутяпман, жин урсин!
Палмер бир оз жим турди-да, эҳтиёткорона жавоб берди:
— Ростини айтсам, билмайман. Эҳтимол, ушбу арзимас саёҳатимиз Эдисга қувонч бахш этар.
— Мен уни бағримга босишга ҳамиша тайёрман, лекин бу сафар эмас. Хўш, эртага вақтинг қанақа?
— Боролмасам кераг-ов...
— Майли, — унинг сўзини бўлди Бэркхардт. — Энг кечи билан жумага. Менинг шаҳар ташқарисидаги уйимда ҳордиқ чиқарасан. Хўпми?
— Хўп, — рози бўлди Палмер, — Мени қизиқтириб қўйдингиз.
— Ўйлайманки, сенда қизиқишдан кўра катта нарса ҳам уйғота оламан, — жавоб берди Бэркхардт. — Демак, жума куни Айдлуайлд аэропорти, соат 17.40...
У ўзини кўзгуда кўрди ва эслади, Бэркхардт билан суҳбатдан сўнг нақадар қувончли ҳаяжон қамраб олганди. Палмер қария унга анча юқори, масъул лавозим таклиф этишини ўшандаёқ биларди. У ўзида қониқиш ҳосил қилди.
Унинг ўз олдига қўйган мақсади яқин эди. У Чикагодаги идорасида ўтирар ва ўзини зўриққандай ҳис қиларди. Оғир, рутубатли ҳаво кислородсизга ўхшаб кўринарди. У зўрға нафас олар, ҳаво етишмаётганга ўхшарди.
Ҳа, бу зафар, чинакам, тўла ғалаба эди. У банкдан, кекса отасининг ҳукмронлигидан озод бўлди ва энди шиддатли тезлик билан Чикагодан халос бўлаётганди. Сафарини жумагача қолдириш унга нечун керак бўлиб қолди? Ҳафтанинг охиригача кутиш нақадар оғир? Ахир, шу бир неча кундан сўнг уни узоқ кутилган тўла озодлик қарши олади.
«Юнион лиг»даги ўз хонасида кўзгуга қарай туриб, Палмер бурун катакларининг ана шу озодликнинг янги ҳавосини мумкин қадар кўпроқ ҳидлашга интилиб, кенгая бошлаганини сезди.
Хэнли учун белгиланган рўл — отасининг ўнг қўли рўлини ўйнашга неча йилларини сарфлади, елга совурди. Ич-ичидан емирган касалликдан аста-секин ўлаётган отасининг ўнг қўли вазифасини бажариб юрди.
— Агар бу сени ташвишга солаётган бўлса, — деди Эдис урушдан кейинги дастлабки йилларда, — Хэнлининг ўрнини босолмаслигингни отангга айт. Айтиб, бу ишдан бўша-да, ташвишдан қутул.
— Бундай қилолмайман. Отам касал, бунинг устига ёлғизланиб қолган. Бунақа қилиш қўлимдан келмайди.
Палмер кўзгудан нари кетди ва эшикка йўналди. У ҳозир ўзини ҳув ўша, урушдаги оғир дамлардагидек ҳис қиларди. Ҳаракат қилиш керак. Шуниси ҳайратланарлики, у ҳали ҳам ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотгани йўқ. Урушдан кейинги беҳуда сарфланган йилларига қарамай, у ҳали дадил кўринарди. Ахир ўша пайтлар ҳар бир қарорнинг қабул қилиниши кекса, мижғов ва ўжар, ишнинг орқага сурилишидан завқ оладиган отасига боғлиқ эди.
Палмер эшикни очиб, йўлакка чиқди ва лифтга қараб юрди. Кутиш йиллари, афтидан ўтиб кетгандай бўлди. У ўзини тақдирининг соҳибидай ҳис қилди. Уруш пайтида ҳам худди шундай бўлган эди. Унда ўзи учун янги бўлган ғайритабиий ҳаётбахш туйғу пайдо бўлди. Бу туйғу уни ёшлигига қайтаргандай бўлди. У ҳаётини янгидан бошлагандай ҳис этди.
Палмер лифтни кутаркан, бундай туйғуни сўнгги бор қачон ҳис этганини эслашга уринди. Бу ўн беш йил бурун бўлган эди. Ўшанда Палмер бошчилик қилаётган бўлинма Ростокдан, бомбалардан ўйдим-чуқур бўлиб кетган кўчалар бўйлаб машиналарда Грейфсвальддаги «V-2» базасига боришарди. Улар таслим бўлиш ҳали нималигини билмаган аҳоли ҳудудидан ракетасозлик соҳасида иш олиб бораётган фашист олимларини излаб юришарди. Палмернинг бўлинмаси руслар бу ерларга келмасдан бурун ракетачи олимларни ўғирлаб кетишлари керак эди. Уларнинг тепасида пастлаб учаётган «фоккевульфлар» чарх урарди.
— Пастгами, сэр?
Лифтчи Палмернинг нигоҳидан кўзини олиб қочиб, ўзини гилам нақшларини томоша қилаётгандек кўрсатарди. Палмер лифт ичига кирди, унинг эшиги ёпилишини кузатиб турди, юраги ҳовриққани унинг пастга тушаётганини ҳис этди. Қандайдир дақиқаларда у ўзини вазнсиздек, енгил ва озод сезди. Сўнгги ўн беш йил ичида у ўзини бундай ҳис этмаганди.
У чуқур нафас олди ва бўлгуси воқеаларга ич-ичидан тайёрланди.


Учинчи боб

Броуд-стритда Палмер таксидан тушди. Ҳар сафар Нью-Йоркка келаркан ҳайрон бўларди: Чикагога нисбатан бу ерда такси нақадар арзон. ЮБТК идорасининг биносини кўздан кечираётган Палмер бир неча сония йўлакда туриб қолди.
Энг йирик банкларнинг кўп сонли филиалларидан ҳар бири бош идорадан кўра ҳашаматли кўринарди. Улкан ғилдиракларда гардиш ҳамиша ўқдаги тиқинга нисбатан тез айланади. Бу ерда эса, Палмернинг рўпарасида худди ўшандай тиқин мана мен деб турурди.
Бундан ўттиз йилча олдин мана шу ҳашамдор, хунукдан-хунук бино худди ердан ўсиб чиқиб, қад ростлагандек бўлди. Лекин ўша пайтларда ҳам мана шу ўн саккиз қаватли иморат замонавий эмасдек, эски услубда қурилгандек кўринарди.
Палмер унинг ижодкорлари — банк директорларининг ниятларини аниқ тасаввур этди. Мазкур бинони қуриш ғояси, афтидан, 1921 йилги машҳур биржа васвасасидан кейин, йигирманчи йиллар шов-шуви авжига чиққан пайтда, турғунлик арафасида вужудга келган. Банк идорасига ўшанда юзлаб шундай лойиҳалар қалаштириб ташланган бўлса керак. Бинонинг қандай бўлиши тўғрисида баҳслашувлар бўлгани турган гап. Ўшанда ҳам ҳамиша бўлганидек, Эҳтиёткорлик Беғамликка қарши қўйилгандир. Ҳа, умуман бир миллиард доллар ўша даврларда ҳам қудратли парвоздан далолат беролмасди. Бунинг устига «Юнайтед бэнк» катта дабдабаларга унчалик интилмасди ҳам. Кўпчилик авлодларга ЮБТКнинг турғунлик давридаги турли компанияларнинг қўшилишидан анча олдин атрофдагилардан мустақил равишда ривожланиш ҳуқуқига эга бўлган  қудратли компания сифатида тасаввур қилинарди...
Биринчи қаватда жойлашган, омма учун мўлжалланган залга фақат битта айланма эшикдан кириларди. Палмер эшик тепасидаги яшил ранг мармарга ўрнатилган, тилла суви юритилган деворий соатга кўз ташлади. Бэркхардт томонидан белгиланган учрашувга беш дақиқадан ошиқ вақт қолганди.
У эшикнинг сайқалланган ёғоч ромини аста итарган эди, салмоқли ойнаванд шиша секин айланди. Палмер ўзини каттакон зал ичида кўрди.
Эшикдан чап томонда улкан стол атрофида икки банк хизматчиси ўтирарди. Улардан бири тилла ҳошияли тақвимга қандайдир белгилар қўярди. Ўнг томонда оқ йўл-йўлли яшил мармар девор чўзилиб кетган бўлиб, унга ўн иккита тилла гардишли ғазна дарчалари ишланганди. Дарчалар ортида ғазначилар дафтарлари устига энгашиб, ўзларини ишга жиддий банддек кўрсатишарди.
Палмернинг оёқлари остида оқ мармар тўшалган пол ялтираб турарди. Уч қаватли уй баландлигидаги шифтдан ёғилиб турган зарҳал шафақ зални ёритиб юборганди. Палмер қорамтир-яшил рангга бўялган шифтга кўз югуртирди. Биллур тақинчоқлар осилиб, тилла суви югуртирилган қадимий қандиллар гўё ярим тун осмонида юлдузлардек порлаб турарди. Марказий дарвозанинг ҳар икки томонида яшил чарм диванлар қўйилган, улар орасидаги нафис тагликларда тиллойи кулдонлар ялтирарди. Залнинг тўрида иккита лифт ёнида кичкинагина, сочлари оппоқ, озғин одамча турарди. Унинг касбий кийими ва ёнига осган полициячи тўппончасининг ғилофи бўлмаганида уни рутбали хизматчи ёки дарбон дейиш мумкин эди.
Шифтнинг баландлиги уч қават уй бўйи келадиган ҳашаматли залда сукунат ҳукм сурар, электрон жиҳознинг майин чиқиллагани эшитиларди. Афтидан, хизмат хоналарида ҳужжатларни саралаётган ускунанинг овозига ўхшайди. Палмер бир зум дарчалардан келаётган товушга қулоқ тутди: заёмлар бўйича қарздорликни ҳисоблаётган бўлса керак.
Унинг келганига ҳеч ким эътибор бермагандек кўринди: банкка кираверишда ўтирган хизматчилар, дарбон ва ҳатто лифт ёнидаги қоровул ҳам у томонга бир бор қайрилиб қарашмади. Тилласи ялтираб турган мармар тўшама бўйлаб одимлаб бораркан, у пошналаридан таралаётган бўғиқ товушни ҳис қиларди, холос.
Палмер яқинлашиб келиши билан қоровул унга бош эгиб сассиз саломлашди ва тугмани босди, лифтнинг қопқалари икки ёнга сурилди.
— Сиз ўн саккизинчи қаватга чиқасиз, мистер Палмер, — деди қоровул.
Палмер бу ерда кўрсатилаётган «томоша» учун ўзича истеҳзоли жилмайди-да, кескин орқага бурилди. Уни диққат билан кузатиб турган банк хизматчилари — маъмурлардан тортиб ғазначиларгача — қотиб қолишди. Уларнинг ноқулай аҳволга тушиб қолишганини кўрмаслик учун Палмер шу заҳоти яна орқага бурилди-да, лифтга кирди ва тугмани босди. Эшиклар ёпилди. У соатига қараб қўйди. Бир дақиқаси кам ўн бир. Жуда соз.
Лифт юқорига майин кўтарилиб бораркан, Палмер яна банк биносининг биринчи қаватидаги тарҳини ким ишлаб чиққанини ўйлади. Бинонинг биринчи қаватидаги залнинг ғояси умрини яшаб бўлган консерватизм қонунлари асосида пайдо бўлганлиги шундоққина кўриниб турарди. Ахир, бу чекланган, қари, мижғов, шаробхўр сармоядорлар ўз ниятларида театр безаклари наққошлари ҳам амалга оширолмаган нарсаларни кўра билган ва бунёд этгандилар.
Ана шу кекса япалоққушлар эришган ютуқлар ўзининг кутилмаганлиги ва такомиллиги билан ҳайратга соларди. Биргина залнинг ички кўринишдаги тиллойи ва яшил ранглар уйғунлиги ҳам шуни тасдиқлаб турибдики, улар ривожланган дунёнинг кўпчилик малакатларида ана шу икки ранг пулни билдиришини ҳам ҳисобга олганлар.
Клеркларнинг1 анъанавий эҳтироссизлиги-чи? Палмер ҳеч бир томошада актёрларнинг ўз рўлларини бунақа зўр ўйнаганини ҳали кўрмаган эди. Ҳолбуки, уларга ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзларини мана шундай тутишлари кераклигини айтгани йўқ. Уларнинг ўзларини шу тарзда тутишлари аста-секин анъанага айланди ва авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Палмер шу ерда ишлаши кераклигини сезганидан бирданига қувонч ҳис этди. Аммо бу туйғу шу лавозимга тайинланганида ҳис этган тантана завқига сира ўхшамасди. Палмер жилмайиб қўйди. Лифт эшиги очилиб, у бинонинг охирги қаватидан ташқари чиққанида ҳам унинг чеҳрасидан табассум аримаганди.
Йўлакдаги каттакон стол ёнида ўтирган қиз пайпоғини тўғрилаш учун энгашди. Палмер нигоҳи билан унинг оёқлари бўйлаб бир сузиб ўтди-да, кўзини четга олди. Бироқ атрофида диққатга сазовор бирор нарса учратмагач, орқасидаги лифт эшиги ёпилиши билан яна қизга қаради.
Савол аломати билан унга қараган қиз сўради:
— Мистер Палмерми?
У тасдиқлаб бош ирғади. Қиз шошилиб ўрнидан турди-да, йўлак бўйлаб юраркан, орқасидан юришини таклиф этди: «Бу ёққа, марҳамат». У қизга эргашди, кенг ва яшил йўлак бўйлаб бораркан, унинг қадди-қоматига қарамасликка ҳаракат қилди.
Йўлак уни сайқал берилган ёғочдан ишланган икки табақали катта эшикка олиб келди. Палмер юқори лабининг енгил терлаганини ҳис қилди ва бармоғи билан артиб қўйди. У зўр бериб бостириб келаётган ноўрин фикрлардан ўзини чалғитишга уринарди. Бэркхардт ўз банкида ички коммуникация учун механик ускуна — интеркомдан фойдаланишни лозим кўрмаганди, шу боис келувчиларни унинг ҳузурига бошлаб киришарди. Бу қария тизимининг таркибий қисми бўлиб, Палмер бу ерда у билан танишиб бўлган эди. Қиз эшикни тақиллатгач, Палмер бу ерда ҳам чинакам консерватизмнинг салмоқли юки борлигини ҳис этди.
Эшик олдида турган қиз сезилар-сезилмас ҳаракат билан бутун танаси оғирлигини бир оёғига ўтказди. Палмернинг нигоҳи сонлари бўйлаб сирғаниб пастга тушди, у чуқур, сассиз тин олди-да, бошлиқнинг таклифини кутиб, кўзларини юмди.
Оғир эшик қопқалари ортидан Бэркхардтнинг овози эшитилди: «Киринг!»
Қиз эшикни очиб, Палмерни ўтказиб юбориш учун ўзини четга олди.
— Мистер Палмер, сэр, — деди қиз ва ташрифчининг ортидан эшикни ёпди.
Қаердадир, Палмернинг бошидан тепароқда соат занг урди. Бэркхардт зағча кўзларини қисаркан, ўрнидан турди.
— Аниқлик — бу энг муҳими, — деди тантанавор Бэркхардт. У қўл бериб кўришди-да Палмерни ёзув столининг ҳар икки томонига қўйилган яшил чарм оромкурсилардан бирига таклиф қилди.
Палмер эътиборини тортган нарса шу бўлдики, бошлиқнинг столида тиллойи қирқмали мўъжазгина ён дафтар, яшил циферблатли яшил мармардан ишланган тилла соатлар ва ёзув ашёларидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Шу буюмларни кўздан кечирар экан, Палмер бирдан қария унинг гапиришини кутиб турганини ҳис қилди.
— Хўш, нима ҳам дердим, — деди Палмер, — тан олиш кеарк, таассуротларим мутлақо беқиёс.
Қария кулиб юборди.
— Ҳа, кўришга арзигулик нарсалар талайгина, тўғрими? — У оромкурсининг суянчиғига ястанди-да, нафасини ростлади. — Бу ерда мен ҳафтасига уч марта, эрталаблари бўламан. Бешинчи авенюдаги идорамизда ҳам бир хона иш жойим бор. Бу идора эса, ўзинг тушунасан, кекса ва доимий мижозларимизга мўлжалланган.
— Тушунарли. Аммо баъзида унинг эшиклари сизнинг янги мижозларингиз учун ҳам кенг очилади.
Бэркхардт тасдиқлаб бощ ирғади:
— Ҳа, лекин камдан-кам, шунда ҳам уларга ким билан иш олиб боришаётганини эслатиб қўйиш учун.
— Мен Бешинчи авенюдаги идорани кўрганман, — қўшимча қилди Палмер. — Яъни замонавий меъморчилик альбомида унинг суратини кўрганман. Ўйлашимча, шундай шароитларда мижозларни саралаш учун ўйин олиб бориш сизга қийин эмас. Сиз аввалига уларни тасодифий тадбиркорларга мўлжалланган Бешинчи авенюдаги идора орқали ўтказасиз. Ўша жойда улар ўзларидан сизнинг бир қадам ҳам узоқлашмаслигингизга тўла кафолат оладилар. Кейин, орадан бир неча йил ўтгач, агар улар ҳақиқатан ҳам тадбиркор бўлсалар, ўз ниятларига етишиб, салмоқли улуш олиш илинжида бўладилар, шунда сиз уларнинг бош идорага — ишонч ва хотиржамлик қўрғонига киришларига имкон берасиз.
Палмер шу мавзуни давом эттирмоқчи эди, янги келган одамга шу ҳам етарли, деб ўйлади. У сездирмасдан, айни чоғда суҳбат йўналишини сездирмасдан, шу билан бирга дадил ўзгартирди.
— Афтидан, сизнинг урушдан кейин қурилган филиалларингизнинг аксарияти Бешинчи авенюдаги идора намунасида расмийлаштирилди.
Бэркхардт елкаларини қисди:
— Бир жиҳатдан шундай, ҳар ҳолда тайинланган жой билан боғлиқ бу. — У ўтирган столидан турди-да, бутун деворни эгаллаган китоб жавонига яқинлашди. Биз «Хадсон траст»ни қўлга киритганимизда элликтага яқин баққоллик растасини эслатувчи титиғи чиққан қурилмаларга ҳам эга бўлгандик. Бироқ, йигитлар уларни анча эпақайга келтириб олдилар. Синтетика, алюминий, ёрқин безаклар ва ҳоказо.
Қария китоб жавончасидан яшил муқовали катта китобни олди-да, ёзув столига қўйди.
— Мана ўша филиаллар, икки юзтача бор, — деди у. Китобни Палмерга томон суриб, у қўшиб қўйди. — Уни ўзинг билан олиб кет. Бўш вақтларингда кўздан кечирарсан. Бу ерда қаватлар бўйича режалар, рангли суратлар, умуман, ҳамма нарса бор.
Палмер китобни қўлига олди, ҳатто уни очиб ҳам кўрди. Нимадир кўнгилдагидек эмасди. Бэркхардтнинг ҳиссиз овозига қулоқ соларкан, қандайдир мавҳум туйғуни ҳис этди: уларнинг муносабатларида илғаш қийин алланарса бор эди. Бэркхардтнинг сўзларидан гап нимадалигини пайқаш қийин эди. Шубҳасиз, нимадир бор эди... Лекин нима? Манфаатдорсизликми? Ички алоқа ўрнатишга қобилиятсизликми?
Нима бўлганда ҳам, иш кўнгилдагидек бўлмаяпти, деб ўйлади Палмер. Албатта, қария билан ўзининг алоқалари яхши бўлиб кетади деб кутмаганди. Бироқ, Бэркхардтнинг ўз манфаатлари учун келгусида ўзаро муносабатлари қай тарзда бўлишини аниқлаш мақсадида ушбу учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан фойдаланиб қолиши керак эди. У бунингсиз ҳам узоқ тушунтиришни, банк ички тизимини намойиш қилинишини ва бу борада ўз рўлининг белгилаб берилишини кутмаган эди. Лекин бу ерда, Бэркхардт ўзининг биринчи ўринбосари Палмер билан кейинчалик биргаликда ишлаши учун жўшқин режани белгилаб олиши даркор эди.
Палмер биринчи қадамини ўзи қўйишга қарор қилди. У бироз олдинга интилиб, йўталиб олди-да, на таъкидлаш, на савол аломатида сўради:
— Сизни нимадир ташвишга солаяптими?
Бэркхардт ҳайрон бўлиб унга қаради. Кейин бурнини буриштириб, Палмерга тағин кўз қири билан қараб қўйди.
— Мен ҳозир ўйлаб қолдим, — дея сўз бошлади-ю, бирдан нафас олиб, жимиб қолди. Бирор сония ўтар-ўтмас, қисқа бармоқлари билан оппоқ сочини силаб, давом этди: — Сенинг келишинг олдидан мен телефонда гаплашган эдим... Мен Жо Лумис ҳақида ўйлаяпман. У менда қарийб йигирма йил бошқарув аъзоси бўлган эди, жин урсин.
Палмер тушунаман, дегандай бош ирғади:
— «Жет-Тех индастриз».
— Ҳа. Ҳамда «Вакутерм электроникс».
— Хўш, неча... У неча ёшда? — сўради Палмер. — Етмишга яқинми?
— Етмиш бир. Лекин гап бунда эмас. Худога яқин, токи унинг ёшига етганингда сенда ҳам ўшандай куч-қувват бўлсин. — Бэркхардт бошини сарак-сарак қилди. — Йўқ, бу ерда гап бутунлай бошқа нарсада. У турли сармоядорларга васий. Улар эса жами ўн беш миллион доллар соҳибидир. Бундан ташқари у учта бошқа банк бошқарувининг  ҳам аъзосидир.
— Унинг фақат унвонларининг ўзини санашданоқ менинг бошим айланиб кетди.
— Ана шу банклардан бири, — секин давом этди Бэркхардт, — Меррей Хиллнинг омонат банкидир.
Палмер Бэркхардт ундан қандай жавоб кутаётганини билмай, бошини чайқади. У қариянинг жойидан туриб, ўз оромкурсиси ортидаги катта дераза ёнига борганини диққат билан кузатди. Кенглиги йигирма фут1 келадиган улкан дераза ҳар бири икки футдан катакларга бўлиниб силлиқланган ёғоч муқова билан қопланган эди. Бэркхардт ойна ёнида паришон ҳолда улардан офтобни тўсиб турган қўшни осмонўпар икки бино оралиғидаги торгина тош тирқишни кузатарди. Унинг нигоҳи йўналган томонга қараб, Палмер куз қуёши нурида ялтираётган дарёга кўзи тушди.  Айни шу пайтда дарёда танкер оҳиста сузиб кетаётганди.
— Сизда омонат банклари туфайли бирор кўнгилсизлик юз бердими? Шунақами? — сўради Палмер. Жавоб бўлмагач, бир зумга жим қолди. Айтадиган гапини фикран тўплади-да, давом этди: — Барибир, душман қароргоҳида дўстингиз борлигини билиш қувончли...
Бэркхардт аста суҳбатдошига ўгирилди.
— «Меррей Хиллнинг омонат банки» буни худди шундай баҳолаяпти, — деди у алам билан.
Бэркхардт сўзини давом эттирмагани учун Палмер ҳам ўрнидан туриб дераза олдига борди.
— Шундай қилиб, — деди у, — Жо Лумис ким томонида эканини аниқлаш керак.
— Афтидан, мен ўз фикримни аниқ ифодаламадим, шекилли. У менинг эски дўстларимдан бири.
Палмер юзини буриштирди:
— Ҳа, бу оғир.
— Жуда ҳам.
Уйлар ортига ўтиб, кўздан ғойиб бўлган танкер изидан қараркан, Палмер сўради:
— Нима қилмоқчисиз?
— Ҳеч нима, — деди Бэркхардт ниҳоят. — Буларнинг ҳаммасини янги вице-президентим елкасига ортмоқчиман.
— Ташаккур.
— Бундан ташқари, — давом этди қария кутилмаганда ишончли оҳангда, — мана шу омонат банклари ғалвасини сизга юкламоқчиман.
— Сизнинг йўриқларингиз?
— Мен уларнинг ҳаммасини ер юзидан супуриб ташланишини истайман.
Палмер деразадан ўгирилиб, қарияга қаради.
Бор-йўғи бир нечтагина сўз шу тонгга бурилиш бағишлади, иккалови ўртасидаги ўзаро муносабатларга ҳам шунчалик кутилмаган аниқлик киритди.
— Қачон бошлаш керак?
Бэркхардт панел қопланган деворга яқинлашди, девордаги жавон эшикчалари сурилди, қария у ердан шляпасини олиб, чаққонгина бошига қўндирди.
— Нимани кутамиз? — деди у. — Қани, юр-чи, уларни тугатишда сизга ёрдам бера оладиган эпчил маккор билан учрашиб кўрайлик.



Тўртинчи боб

Палмер йўлак бўйлаб қария орқасидан юриб, котибалар ёнидан ўтиб борарди. У ҳайрон бўларди: қизиқ, банкнинг масъул ходимларидан нега бирортаси ҳам унга таништирилмади. Албатта, у ҳали расман ишга тушгани йўқ. У меҳнат кунидан кейинроқ иш бошлаши керак эди. Бироқ бу унинг ЮБТКка биринчи ташрифи бўлиб, одоб юзасидан қайсидир шарт-шароитларга риоя қилиш зарур эди.
Улар котибалар ёнидан ўтишганда лифт кутиб турарди. Котиба Бэркхардтга портфелни тутқазди-да, телефонни олдига тортди. Лифтга кираркан, Палмер котибанинг Бэркхардтга шаҳар машинасини чақираётганини эшитди. Қиз бир зумда бошини кўтарди ва уларнинг нигоҳлари учрашди, лекин шу заҳоти лифт эшиклари ёпилди.
— Йигитларимиздан айримлари билан таништирмаганим учун узр, — деди Бэркхардт лифт пастга тушаётганда.
— Бу омонат банклари масаласи, афтидан, жуда шошилинчга ўхшайди?
— Аҳмоқона, ўринсиз нарса, жин урсин! — деди қария. — Сира тушуниб бўлмайдиган мужмал масала. Буни бообрў банкчидан кутиш ҳам қийин. Лекин барибир сен ҳақсан: бу иш жуда шошилинч.
— Мен ҳали етарли танишганимча йўқ, — деди Палмер пастки қаватда лифтдан чиқар экан.
Аслида эса, бу ишлардан у яхшигина хабардор қилинганди. Гарчи у Иллинойсда омонат банклари билан тўқнаш келмаган бўлса-да, улар тижорат банкларига қанчалик талафот етказиши унга маълум эди. Бироқ, пул маблағларининг асосий қисми жамланган Нью-Йоркда бу низо алоҳида кескин тус оларди.
— Бу борада сенга нима маълум ўзи? — сўради Бэркхардт тиллойи мармар тўшалган даҳлиздан ташқарига чиқиш эшигига йўналишаркан. Уларни сочлари оқ қоровул кутарди. У эшик дастасини ушлаганича, ҳар дақиқада уни айлантиришга шай турарди.
— Фақат улар, ҳалиги...
— Бу ҳақда машинада гаплашамиз, — унинг сўзини бўлди Бэркхардт ва банк хизматчиларидан бирига бош ирғади. У илиқ табассум билан жавоб қайтарди. Аслида жаҳаннамга эмас, жаннатга тушишини билган бандагина шундай табассум қилиши мумкин, ўйлади Палмер. Йўлка четида уларни кулранг «Роллс-Ройс» кутиб турарди. У бу ерга ҳозиргина келганини ким ҳам ўйларди дейсиз: кўчага айнан шу машина юриши учун сув сепилгандек эди. Бэркхардтдан сўнг Палмер ҳам кириб, қорамтир-кулранг чарм қопланган орқа ўриндиқда ёнма-ён ўтирди.
Машина ўрнидан равон қўзғалиб, текис йўлга тушиб олди-да, Броуд-стрит бўйлаб  ялпи оқимда сассиз юриб кетди. Бэркхардт уларни ҳайдовчидан ажратиб турган ойнани туширди-да:
— Бешинчи авенюдаги офисга, Гарри, — деди.
Палмер ойнанинг яна кўтарилганини сезди, шиша тўсиқ ёнидаги махсус токчадаги телефонга кўзи тушди. — Энди ҳаммаси жойида, қани, гапир-чи, — амр этди Бэркхардт.
Палмер чимирилди, гўё нимадир устида бош қотирарди. Ҳолбуки, баъзи нарсалардан умумий хулоса чиқариш унга чўт эмасди.
— Бу ерда ҳамма масала янги пулларда, — деди бамайлихотир. — Омонат банклари катта дивиденд тўлайдилар, шу боисдан янги-янги пул қўйишни жалб қиладилар. Вазифа — ана шу пулларни бизга йўналтиришга эришишдан иборат.
— Гапнинг индаллосини айтдинг. Қўшимча қилишимнинг ҳожати қолмади.
— Мен мамнунман, — деди Палмер. — Лекин бу борада сизнинг нима қилганингиз менга қоронғи. Мен шуни билишим лозим.
“Баъзан алдашга тўғри келади, — ўйлади Палмер, — лекин бу ёлғон яхши ниятда тўқилади. Қария, ахир, ўлимигача ҳаммасини тўкиб солгиси келаяпти, шунинг учун илк имкониятга ҳам ёпишиб олди”.
—  Нима қилдингиз, деяпсанми? — тўнғиллади Беркхардт. — Биз бу ерда лақиллаб, юлдуз санаб юрдик, мана нима қилдик. Бутун ўн беш йил давомида бепарво ўтириб, омонат банклари шундоққина бурнимиз тагидан доллар кетидан долларни ташиб кетаётганини томоша қилиб ўтирдик. Чунки биз ўз вақтида бундай майда-чуйда иш билан шуғулланишни эп кўрмадик. Энди бўлса, ана ўша долларлар бизга керак бўлиб қолганида, ҳатто нима қилишниям билмаяпмиз.
— Худди мана шуни мен тушунмаяпман-да, — яна ёлғон гапирди Палмер. — Мен шуни айтмоқчиманки, ўша омонат банклари фаолиятида мен ҳеч қанақа сир кўрмаяпман. Улар ўзи қанча? Бутун штат бўйича юз ўттизта ҳам чиқмайди, ахир?
— Ҳа, тахминан шунча, филиаллари билан биргаликда икки юз элликтага бориб қолади.
— Шундайку-я, лекин биргина ЮБТКнинг ўзи уларнинг барча тизимларида мавжуд бўлганчалик филиалга эга-ку?
Бэркхардт бунга жавоб бермади. Палмер эса қария дилида борини тўкиб солсин дея сўраб-суриштиришда давом этди.
— Менга ҳаммадан кўра айнан шуни тушуниш қийин бўлаяпти, — деди тағин Палмер. — Мана, доимий маош оладиган одамни олиб кўрайлик. Одатда, унинг маошининг учдан икки қисми қарзларни тўлашга кетади. Лекин, барибир, у ҳафтасига 10 доллардан, айтайлик, ҳатто 5 доллардан олиб қўяди. Унинг қанчалиги аҳамиятсиз. Савол туғилади, у мана шу жамғармасини қаерга қўйиши керак? Ҳамма жойда, қарийб ҳар бир бурчакда ЮБТК, «Мэню-фэнчерерз» ёки «Чейз Манхэттен», «Фёрст нэшнл», ниҳоят, Кимё банкларининг бўлимлари жойлашган. Бошқача айтганда, омонат қўювчи ўзи учун тижорат банки сингари қулай бўлган жамғарма банки бўлимини излаб топишга вақт сарфлаши керак бўлади. Шундай эмасми?
Бэркхардт елкасини қисди.
— Бу нима юз берганини изоҳлаб беролмайди, — дея жавоб берди у Палмердан кўра ўзига. — Шунинг ўзи омонат қўювчилар пулининг учдан икки қисми нима учун айнан жамғарма банкларига тушиб қолганини айтиб бермоқда. Ҳолбуки, ўша пуллар бизга ҳаводай зарур. 
— Бу қандайдир бемаънилик-ку, ахир.
— Йўқ, бу одатдаги америкача аҳмоқлик, — эътироз билдирди Бэркхардт. — Гап шундаки, жамғарма банклари ўз дивидендлари бизникига нисбатан ярим фоизга ошиқ деб эълон қилдилар. Қандайдир аянчли ярим фоиз! Наҳотки шуни пул қўймоқчи бўлган ҳар бир омонатчига ҳарфма-ҳарф тушунтириш керак бўлса? Охир-оқибатда ҳаммаси шунга бориб тақаладики, пул қўйган одам ўзининг банкдаги ҳисобида бор-йўғи беш доллар ошиқ сармояга эга бўлади. Агар омонат қўювчига шу тарзда тушунтирилса, у тентаклик қилаётганини тушунмасдан қолмайди. Лекин ҳамма бало шундаки, буни унга ҳеч ким тушунтирмаяпти. — Бэркхардт жимиб қолди, аммо кейин Палмерга юз буриб, сўради: — Нима деб ўйлайсан, бу ерда гап нимада?
Палмер яна қошини чимирди, жавобини ўйлаяпти деган қиёфага кирди.
— Менимча, сабаби шундаки, — дея бошлади у, юзига унинг жавоби жиддий фикрлашнинг меваси деган тус бериб, — банкда сақланаётган омонат банкнинг туридан қатъи назар, жуда кам фойда бераётганини тан олишдан ҳамма қўрқади.
— Худди шундай. Агар одамларга шу тарзда тушунтириладиган бўлса, улар бу банклардан ўз пулларини олиб, суғурта компаниялари фондларига топширадилар ёхуд ўзлари биржада ўйнайдилар. Бу соҳада овсарликнинг яна бошқа турлари ҳам бор. Бу — кўчмас мулк синдикатларига ўхшаш турли бирлашмалардир.
«Роллс-Ройс» ниҳоят Ист Сайдда катта йўлга чиқиб олди ва соатига қирқ беш мил1 тезликда юмшоқ сирпаниб, шаҳарнинг ишбилармонлар қисмига йўналди.
Палмер маълум муддат ўнг томондаги дарёда сузиб кетаётган танкерлар ва юк катерларига кўз югуртирди. Енгил туман қоплаган дарё ялтираб ва қарийб ҳаракатсиз турганга ўхшарди. Август қуёши нури жилваланиб, дарё сатҳида жимир-жимир қиларди. Машина Ўттиз тўртинчи кўчага бурилди, шундагина Палмер улар анчадан бери гаплашмай келаётганини сезди.
Палмер Бэркхардтга ўгирилиб қаради-ю, ҳайрон бўлди. Қариянинг юзи оғриқдан буришиб кетганди. Унинг хира-мовий кўзлари чимирилган қошлари остига беркилган, оғзи бурчакларидан аччиқ ажинлар тортилган, ичида қандайдир оғриқ азоб бераётгандай эди. Палмер бирор жойингиз оғрияптими, деб сўрамоқчи бўлди, лекин қайта ўйлаб, индамай қўя қолди. Гапиришга эҳтиёж — фақат бўшлиқни сўз билан тўлдириш Палмернинг ўсмирлик одати эди, бу қилиғини ҳеч ташлай олмасди.
Гапириб бошига бало орттиргандан кўра жим туриш — ҳаёт ҳикмати. Бу ҳикматни унга отаси сингдирганди. Отаси унга ўн икки ёшидан айтган бўлса ҳам, жуда кеч, ўттиздан ошгандан сўнг тушунди.
Энди бўлса, у қирқ ёшдан ошгандан сўнг бу ҳақиқатга шубҳалана бошлади. Ҳозир, шимолга учиб бораётган «Роллс-Ройс»нинг ўриндиғи суянчиғига ястанганича жим турмоқ чиндан ҳам кўнгилсизликдан асрар экан. Буни баҳслашиш ортиқча. Бироқ йиллар ўтиши билан Палмер тез-тез кўнгилсизлик нима деган савол ҳақида ўйлаб қоларди. Ростдан ҳам уларнинг моҳиятидан қатъи назар, кўнгилсизликдан қочиш керакмикин?
Машинада Бэркхардт билан ёнма-ён ўтириб, айни дамда «кўнгилсизлик» ўзи билан ҳали узоқ йиллар унга бошлиқ бўладиган одам ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаши мумкинлигини тушунарди. Ёшлигида отаси берган ўгитни бузиб, энди гап бошлайман деганда:
— Жин урсин, қари тентак! — деб хитоб қилди Бэркхардт.
Палмернинг пешонаси тиришди, Бэркхардтни жунбушга келтирган нима бўлдийкин, деб ўйлади.
— Сиз Лумис ҳақида айтяпсизми? — сўради у.
— Лаънати чол! Эсини еган тентак! Шайтон ақлдан оздирди, шекилли, эрталаб менга телефон қилди!
— Нима керак экан?
— Бутун сайёрамиз... фақат шу керак экан.
— Афтидан, бунга жамғарма банклар аралашган. Шундайми?
— Мана шуниси менга алам қилаяпти-да! — тўнғиллади Бэркхардт. — У, хабаринг бор, тул бўлиб қолди. Йилига бир бор шаҳримизга дам олгани келади. Камдан-кам бирга овқатланамиз. Баъзан клубда учрашамиз, бир қадаҳдан отиб оламиз. У ЮБТК бошқаруви мажлисига умуман келмаслиги мумкин. Биз у билан асосан жамоат кўз ўнгида учрашамиз. Мен ундан шахсий манфаатларига мос тушадиган ҳеч нарса сўраганим йўқ. У ҳам менга нисбатан худди шундай йўл тутарди. Лекин бугун, жин урсин, у бирдан тўғридан-тўғри «Меррей Хилл» васийлари мажлисидан телефон қилиб қолди. Улар бу йил штатнинг қонун чиқарувчи йиғилишига тақдим этишга тайёрланаётган қонун лойиҳасига ЮБТК қарши эътироз билан чиқмаслигини сўради.
— Унча нозик илтимос эмас.
— Лекин менинг жаҳлимни чиқарган бу эмас, — тўнғиллади Бэркхардт. — Албатта, у ўша ерда тўпланган барча васийлар олдида бунақа илтимос билан мурожаат қилиши мени қувонтирмайди. Асло йўқ. Мени ҳамма нарсадан кўра кўпроқ ғазаблантирган нарса менинг... менинг... — у керакли сўзни қидириб, тутилиб қолди ва ёрдам кутгандек жаҳл билан Палмерга қаради.
Нима демоқчи? Этиками? Виждонми? Ахлоқми? Турмуш тарзими? Нима  экан? — дея Палмер хотирасини тита бошлади. Лекин бирорта сўзни овоз чиқариб айтмади. Кутиб туришни лозим топди ва қариянинг ғазабли нигоҳига бардош берди.
— Ҳаммасидан ҳам мени боши берк кўчага киритиб қўйишга уринаётган одамнинг бемаъни сурбетлиги ғазаблантираяпти. У ё ЮБТК манфаатларини ёхуд эски дўстлигимиз манфаатларидан бирини танлашни кўндаланг қилиб қўймоқда. Буни кечириб бўлмайди! — деди қария.
— Унга нима деб жавоб бердингиз? — сўради Палмер.
— Жавоб бердим? Унга нима дея олардим? Жавоб беришдан бош тортдим.
— Охир-оқибат жавоб беришга тўғри келади-ку, ахир.
Бэркхардт кескин бош ирғади. Унинг юзини қатъий, қарийб шафқатсиз ифода эгаллади. Кўзлари катта-катта очилган, нигоҳи ҳайдовчининг елкасига қадалганди. Гўё у ердан бўлажак воқеалар натижасини уқиб олмоқчидай эди.
— Фақат менгина ёлғиз унинг дўстиман, деб ўйлама, — қўшиб қўйди қария. — Жо буни мендангина сўрамайди. Жамғарма банкларининг васийларида ҳам, тижорат банклари бошқаруви аъзолари орасида ҳам дўстлари топилиши мумкин. Ҳозир улар бу ҳақда бутун шаҳар бўйлаб сўрай бошлайдилар. Лекин бу биз учун мутлақо номақбулдир. Бу борада менга тазйиқ ўтказишларига йўл қўёлмайман.
— Қайси қонун лойиҳаси ҳақида гап бўлганди?
— Мундоқ тузук эсимда ҳам йўқ, — деди қария. Бўлиб ўтган воқеани таҳлил қиларкан, у сал ўзига кела бошлаганди. Эски дўсти берган зарбадан у ларзага тушганди.
— Балки бу филиаллар ҳақидаги сон-саноқсиз қонун лойиҳаларидан биттасидир?
Бэркхардт ғазабланди, кейин оҳиста Палмерга ўгирилди.
— Қизиқ, сенинг бундан қанчалик хабаринг бор, Вуди? — сўради у тутоқиб. — Бундан хабаринг меникидан кам эмасга ўхшайди.
— Ие, нима деяпсиз! Бундан сал-пал хабарим бор, холос.
— Чолни мазах қилмоқчи бўлдингми-а? — совуқ тўнғиллади Бэркхардт. — Вуди, кел, келишиб олайлик. Сен бирор нарсани билмаган бўлишинг мумкин, шунда, албатта, қандайдир хабарга муҳтож  бўласан. Фақат билиб қўй, ўзингни гўлликка солиб, мени аҳмоқ қилма. Тушундингми?
— Лекин мен...
— Билиб қўй, агар олдимга похол солаётганингни сезсам... — унинг гапини бўлди Бэркхардт. — Агар билиминг ва қобилиятинг ҳақида менда аниқ тасаввур бўлмаса, ишимизда жиддий тўсиқлар бўлаверади. Сен кечаю кундуз ишинг қай тарзда кетаётганидан бохабар бўлиб туришинг лозим. Тушундингми?
— Тушундим. Узр, — деди Палмер.
Бэркхардт лабларининг бурчаклари сал кўтарилди.
— Бор гап шу, — деди у, бироз юмшаб. — Мен буни унутиб ҳам юбордим.
— Мен эса эслаб қолдим.
— Жуда яхши.
Олтмиш биринчи кўчада «Роллс-Ройс» сездирмай чап қаторга ўтди-да, катта йўлдан бурилиб, шаҳарнинг ғарбий қисмига қараб юрди ва машиналарнинг умумий оқимига қўшилди. Шу юришда Бешинчи авенюга яқинлашган сари автоуловлар гавжумлашиб борарди.
Анча давом этган сукутдан сўнг қария яна гап бошлади:
— Қонун лойиҳаси чиндан ҳам жамғарма банкларнинг бўлимига дахлдордир. Лекин моҳияти нимадалиги эсимда йўқ.
— Уларнинг миқдорини кўпайтиришмоқчи, албатта.
Бэркхардт елкаларини қисди.
— Ҳа, шаҳар чеккаларида. Ҳозир шаҳар четидаги қасабаларга қўллари етмаганидан пайтавасига қурт тушган уларнинг.
— Уларнинг омонатчилари, афтидан, қасабаларга кўчиб ўтишмоқда.
— Умуман шундай, — тасдиқлади Бэркхардт. — Аммо жамғарма банклари ўзларидан бўлак ҳеч кимни айблай олмайдилар. Уруш бошланиши билан улар кўплаб сармоясини гаровга қўйдилар. Бу уларда қарз беришнинг ягона туридир ва, албатта, жуда ҳам янглишдилар. Улар омонатчиларнинг шаҳардан чиқиб кетишларига ёрдамлашдилар, ўзлари эса улар изидан боролмаяптилар.
— Унда бунчалик ташвишнинг нима кераги бор? — сўради Палмер. — Агар ўз қопқонларига ўзлари тушган бўлсалар, азобини ўзлари тортаверсинлар.
— Улар ўз қопқонларида азобланиш ниятида эмаслар. Улар катта эркинлик берилишини талаб қилаяптилар ва бунга эришиш учун ҳамма нарсага тайёрлар.
Палмер тушунаман, дегандай бош ирғади:
— Оғир вазият. — У йўл тирбандлигидан тўхтаб қолган машиналарга қаради.
Анча олдинда Учинчи авенюда бир бинони бузишаяпти, унинг олдида юк машиналари навбат кутиб, туриб қолибди. Кўча бўйлаб торгина йўлак қолган бўлиб, Бэркхардтнинг машинаси ўтиб кетиши учун ўз навбатини кутарди. Бурчакдаги тахта тўсиқларда ёрқин лавҳалар кўзга ташланарди. Уларда юзларида табассум балқиб турган кишилар ғазна дарчасига шошилишяпти. Лавҳаларга «Энди кўп кутмаймиз» деган шиор ёзилган. Тез орада бу ерда «Меррей Хилл» банкининг яна бир бўлими қулайлик туғдиради. У Нью-Йоркнинг тежамкор аҳолисига тўрт ярим фоиздан тўлашга тайёр.
Палмер истеҳзоли кулиб, қарияга ўгирилди:
— Мана шу бурчак ёнидан ўтаётганимизда қон босимингизни назорат қилиб туринг, — деди. — Бу ерда «Меррей Хилл»нинг яна бир бўлими очилаяпти.
— Биламан, — минғирлади Бэркхардт, — ҳар куни эрталаб шу ердан ўтаман.
— Мен уларнинг банкида филиалларга нисбатан муайян чекловлар бор, деб ўйлардим.
— Шу йилнинг баҳорида улар бошқа бир жамғарма банки билан бирлашдилар. Унинг эса учта филиали бор. Бу шулардан биттаси.
Палмер енгил ҳуштак чалиб юборди:
— Бу жараённи нима билан тўхтатиш мумкин?
— Ҳеч нарса билан, — тўнғиллади Бэркхардт. — Улар истаганча бирлаша¬веришлари мумкин. Банклар фаолиятини бошқариб турувчи маъмурларимиз розилик берар экан, бу иш давом этаверади.
Энди уларнинг ҳар иккови ҳам машинанинг ён ойналаридан кўчани кузатишарди. Учинчи авеню бурчагида махсус тахтада «Меррей Хилл» банки бўлимининг қурилаётган биносининг улкан лойиҳаси акс эттирилганди. «Роллс-Ройс» тезлигини пасайтириб бурчакка яқинлашганда Палмер расмдаги бўлажак ўттиз қаватли бинонинг тарҳини диққат билан кўздан кечирди.
— Хизмат биноси учун жуда ғалати жойлашган-ку бу, — минғирлади у. Лекин шу пайт нигоҳини кўчани кесиб ўтмоқчи бўлаётган аёл тортди. У баланд бўйли, тўладан келган, хушбичим оёқлари гўё...
— Сен ҳали ҳам кўҳна Учинчи авеню ҳақида ўйлаяпсан-а? — деди Бэркхардт.
Палмер унга қараб ўгирилди-ю, қария ҳам бояги аёлни кўрганини пайқади.
— Элдаги эски уйлар бузиб ташланиши билан, — давом этди Бэркхардт, — бу ерда «Блумингдэйл» универмаги қад ростлади, у ерда эса маъмурий бинолар тиклана борди.
— Ҳолбуки пул ҳозир анча танқис.
— Жамғарма банкларида эса пул бор, жин урсин уларни, бу — ярага туз сепгандай гап! Уларга пул оқиб келмоқда. Уларнинг активи1 — нақд пул ёки уларга тенг бўлган давлат заёмларидир, бунинг устига яна гаров васиқалари ҳам бор. Бу ахир, бу худди... Бэркхардт алам билан туфлади.
— Худди банкдаги нақдгина пул, — шипшитди Палмер истеҳзо билан.
Бэркхардт унга совуқ қараш қилди.
— Қулоқ сол, Вуди, мен юмор ҳиссини қадрлайман. Бизнинг ҳаётимизда баъзан у жудаям асқотади, акс ҳолда чидаб бўлмайди. Лекин шундай вазиятлар бўладики, унда кулги ўринсиз.
Орага узоқ сукут чўкди. Машина Учинчи авенюни кесиб ўтди ва секин юриб бориб, Парк-авенюдаги светофор олдида тўхтади.
Шу вақт ичида Палмер уч марта нимадир демоқчи бўлди-ю, уч бор ҳам фикридан қайтди. «Роллс-Ройс»нинг юмшоққина чарм ўриндиғида қулайроқ жойлашиб олди-да, бутун ҳаёти тўғрилигини исботлаган тамойилни шубҳа остига олиш ақлдан эмас-ку, ахир, — деди ўзига-ўзи. Бу ерда икки хил фикр бўлиши мумкин эмас: албатта, жим туриш ўрнига гапириб қўйсанг, кўнгилсизлик бўлиши турган гап.
Мана, ҳозир ҳам, қария нимани хоҳлаётганини, ҳатто нимани кутаётганини, гапириб юбориб, иккаласи ўртасида вужудга келган бегоналашишга бир неча яраштирувчи сўз билан барҳам беришини билиб, Палмер сукут сақлаш ҳар қандай сўздан кўра камроқ кўнгилсизлик келтиришини ўйлаб, жим туришга қарор қилди.
— Жин урсин уни, — дея тўнғиллади Бэркхардт машина Парк-авенюдан жануб йўналишига бурилганда. — Булар асабимга қанчалар текканини кўриб турибсан-ку, Вуди. Шу телефон қўнғироғи билан у бошимга мушт туширгандек бўлди...
Палмер оҳиста, гўё истамагандек унга қаради.
— Сизни бунчалик ташвишга солаётган нима ўзи? — сўради у. — Жамғарма банкларидаги ишкалми ёхуд сизга тазйиқ ўтказмоқчи бўлган Жо Лумисми?
— Икковиям бир гўр. Мана, неча йилдирки, ана шу чалкашликлар ичида яшаяпман. Аҳвол борган сари танглашаяпти. Менда икки йўл бор. Биттаси банкимиздаги муомала жараёнини анча қисқартиришни тақозо этса, иккинчиси эски дўстимни йўқотишга олиб боради. Содда, аммо қўпол қилиб айтганда, шундай бўлади.
Палмер Бэркхардтнинг олдида турган муаммо моҳиятини тўкиб солади деб кутди. Бу ўринда у қабул қилиши керак бўлган битта қарор борлигини кўриб турарди, шунинг учун ҳам сўради:
— Шу боисдан сиз бу ишни менга топширган экансиз-да, шундайми?
— Фақат қисман, — тўнғиллади қария.
— Яна бошқа сабаблари ҳам борми?
Бэркхардт елка қисди:
— Бўлмасам-чи. Агар, борди-ю, Жо Лумисни бир ёқли қилишга тўғри келса, мен буни бошқа биров қилишини истардим. Аммо бу — муаммонинг бир қисми, холос. — У чуқур нафас олди. — Унинг иккинчи қисми — Бернс билан сен тез орада танишишинг мумкин.
Шу аснода уларнинг машинаси енгилгина ғарбга бурилди-да, Эллик бешинчи кўча бўйлаб юрди, Мэдисон-авенюни кесиб ўтди ва Бешинчи авенюга етди.
— У анча уддабурон йигит, — деди Палмер. — Чикагода бир маърузасини эшитганман. Яхши нотиқ.
— Яхшилардан бири. Ишни кино саноати матбуот вакилидан бошлаб, шу мартабага эришди.
— Ҳозир у реклама ва ахборот бўйича маслаҳатчи ёки шунга ўхшаш вазифада, шекилли? Менимча, Чикагода мижозлари бор.
Бэркхардт хўрсинди:
— Демак, Мак Бернснинг шуҳрати Чикагога етиб борибди-да?
— Нима, унга бирор эътирозингиз борми?
— Асло. Афсуски, бизга керак бўлган кимса айнан ўша.
— Бироқ бу ишни худди ўшани деб менга юкладингиз, шундайми?
— Худди шундай, — жавоб берди Бэркхардт.
Уларнинг «Роллс-Ройс»и оҳиста тўхтади, шофёр машина эшигини очди.
— Мен греклар ёки сурияликларларга ёхуд ўша Бернсларга қарши эмасман, — деди Бэркхардт, машинадан чиқаркан. — Лекин мен айнан ўшалар билан чиқиша олмайман. Шу боисдан сенга шу Мак Бернс билан ҳамкорлик қилиш имконини бераман...
Йўлакка чиқиб олган қария Палмернинг машинадан чиқишини кутарди.
— Ҳа, яна бир нарса, — деди секингина Бэркхардт улкан шиша эшик олдида тўхтатиб. Бу ўша замонавий банк биносининг эшиги эди.
— Хўш? — деди Палмер қарияга бурилиб.
— Бернс унга қандай муносабатда эканимни яхши билади. Мен буни яширолмайман. Шунинг учун сен у билан дўстлашиб олишинг лозим. Бу мувозанат учун керак. Буни уддалай оласанми?
— Нега уддалаб бўлмас экан?
— Сенга бу одам билан елкама-елка ва узоқ вақт ишлашга тўғри  келади. Эплай оласанми?
— Эплайман.
— Бернссиз биз тамом бўламиз.
Улар сукут сақлаганча бир-бирига қарашди. Палмер жамғарма банклари билан боғлиқ воқеалар туфайли чолнинг мияси айниб қолган, шекилли, деб ўйлади. У қариядан бурилди-да, банк биносини кўздан кечира бошлади. Тўппа-тўғри унинг боши узра нозик кумуш ҳалқалар ўралган шиша минора юксалиб турарди. Палмернинг миясидан, бу бино исталган пайтда путур кетиб, ерга қулаши мумкин, деган фикр кечди.


Бешинчи боб

Лифтда одам хизмат қилмасди, лекин у шу даражада механизациялашган эдики, унда кўтарилиш жараёнини «ўз-ўзига хизмат» дейиш адолатдан бўлмасди. Бэркхардтнинг қўли «юқорига» деган ёзув остдаги тугмачага тегиб, кўрсаткич тахтадаги яшил доира ёнгач, лифт эшиги очилди. Палмер шериги орқасидан лифтга кирди. Эшиклар ёпилди, лифт хонасининг деворлари металлдан тўқилганга ўхшарди. Палмер беихтиёр ёқимсиз туйғуни ҳис этди: агар лифт хонаси тепага кўтарилиш ўрнига пастга, шўр сувли денгиз оқимига тушиб кетса борми, ўйлади у, унда сув дарҳол металл хонанинг қарама-қарши зарядли қисмлари билан кимёвий реакцияга киришиб, кучли электр зарбаси уларни хона билан бирга чилпарчин қилган бўларди.
У кўриб турибди: Бэркхардт узун ва йўғон кўрсаткич бармоғи билан бошқа тугмани босди. Пластмассали бу тугмада «Юқ» — «Юқори қаватга» деган ёзув бор эди. Тугма яшил бўлиб ёнди. Кўрсаткич тахта тагидан пластмасса панжарадан механик овоз эшитилиб, одам овозига ўхшаган товушда: «Лифт юқориги қаватда...(жимлик)... тўхтади» деб хабар қилди.
Бэркхардт Палмерга қаради, ёвузона тиржайиб:
— Буни биз «қишлоқилар учун тузоқ» деб атаймиз, — деди.
Палмер ҳеч нима демади, қўлини чўзиб лифтдаги «12» рақамини босди. Динамик радио тўрида нимадир икки бор «чирқ-чирқ» этди-да, яна механик овоз эшитилди: «Лифт ўн иккинчи қаватда...(жимлик)... тўхтади.» Палмер  «бекор қилиш» тугмасини босди. Ҳалиги овоз: «Лифт юқориги қаватда...(жимлик)... тўхтади» — деди.
Палмер нафасини ростлади ва четроққа туриб, Бэркхардтга мурожаат қилиб, деди:
— Шунча ўйнадинг, етар, бас қил.
Эшиклар яна очилгач, қандайдир сонияда ҳар томондан бостириб кирган ёруғлик кўзларни қамаштириб юборди. Лифт хонасидан чиқаркан, Палмер кўзларини бир юмиб олди-да, сўнг юқори қаватнинг баланд шифтига мароқ билан нигоҳ солди. Шифт алюминий қопламали тўртбурчак жилосиз ва шаффоф ойналар билан қопланган эди.
Кейин улар ҳар томондан нур тушиб турган, гилам тўшалган йўлак бўйлаб юришди. Йўлакнинг оппоқ деворларини замонавий рассомлар асарлари безаб турарди. Йўлак охирида кичик сиймо кўзга ташланарди. Сиймога яқинлашган сари у катталашиб борди ва улар кўз ўнгида йигирма саккиз ёшлардаги малласоч башанг  аёл қад ростлади. Бўйи бошлиқнинг бўйидан қолишмасди. Хоним ҳар иккаласи билан саломлашаркан, мафтункорона табассум қилиб: «Хайрли тонг» деди-да, навбатдаги эшикка қараб юрди. Анодланган алюминий қопланган бу эшик дастаси оппоқлиги билан ажралиб турарди. Эшикни очган аёл уларни олдинга ўтказиб юборди. Палмернинг димоғига қимматбаҳо атирнинг ҳиди урилди, Рождество байрамида у Эдисга худди шундай атир совға қилганди.
Қизиқ, Бэркхардт бу аёлни ишга унинг баланд бўйи юқориги қават шифтининг баландлигига уйғун бўлгани учун олганмикин? — ўйлади Палмер. Уни яна шу нарса бироз ҳайрон қолдирдики, Нью-Йорк котибаси ўзига қимматбаҳо атирни эп кўриши мумкин, лекин унинг кўз ўнгида Бэркхардтнинг ишчи хонаси бутун ҳашамати ила пайдо бўлиши билан Палмернинг ўй-фикрлари тарқалиб кетди.
Гап хонанинг чиндан ҳам баҳайбатлигида эмас, деб ўйлади уни кўздан кечираркан, Палмер. Муҳими шунда эдики, ҳамма нарса ошкора амалга оширилган эди, ишнинг кўзини билиб, кенг миқёси билан ҳайратга солишни кўзлаб лойиҳалаштирилганди.
Хонанинг икки девори оқ эди. Қисқароқ бўлганининг узунлиги 30 футга яқин келарди, баландлиги 12 футга, яъни бутун юқориги қават баландлигига тенг эди. Иккинчи деворнинг узунлиги 50 футдан кам эмасди. Унинг устидаги шифт эса худди кўкка талпинган чағалайнинг қанотига ўхшаб ёппасига шишадан ясалган бўлиб, баландлиги 20 футча келарди. Палмер ўзини улкан эшитиш мугузи ичидагидек ҳис қилди. Миясида бемаъни бир фикр ярқ этди: агар у турган еридан туриб бақирса борми, қўнғироқ шаклидаги хона унинг овозини шу қадар кучайтирардики, бу кучдан каттакон ойна чил-чил синиши ҳеч гап эмасди.
У ўз овози кучини синаб кўриш ниятидан воз кечди ва бунинг ўрнига Бэркхардт томонга ўгирилди. У эса диққат билан Палмерга қараб турарди.
— Ана ойна-ю, мана ойна, — деди Палмер қўпол оҳангда. — Шундай катта шиша тобоқлар ясаш мумкинлигини билмас эканман.
— Одатда, бунақаларини ясашмайди ҳам, — уни ишонтиришга шошилди қария. — Аммо Корнинг йигитлари меъмор даъватига лаббай деб жавоб беришди. Бу ойнани лойиҳалаган Корнинг ўзиниям лол қолдирди. Бу шундай шишаларнинг тўртинчиси. Аввалги учтаси силлиқлаётганда синиб кетди.
— Буниси синмайдими? — Палмер яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин шу савол билан чекланиб қўя қолди.
— Корнинг одамлари кафолат беришди. Маунт Паломар расадхонасидаги телескоп кўзгуси ҳам шундай ойнадан ясалган. Тайёрлаш жараёни ўша-ўша — аста-секин совутиш. Бунинг қалинлиги бир дюйм1дан кам эмас.
Бэркхардт эшик ёнидаги тугмани босган эди, хона тағин ҳам ёришиб кетди.
Палмер шифтга кўз югуртириб, жилосиз ва шаффоф ойнадан ясалган тўртбурчаклар устида шахмат тартибида жойлаштирилган тахталарни кўрди. Улар залга қуёш нури билан бирга кириб бордилар. Палмернинг нигоҳи ёзув столига тушди. Столда кимдир ўтирарди. У ўрнидан туриб, буларга пешвоз чиқди.
— Сизни шунча куттириб қўйганимдан афсусдаман, Мак, — деди унга қараб юраркан Бэркхардт. Лекин у шундай масофада тўхтадики, уларни кутиб олган кишининг қўли етмасди. Бэркхардт Палмерга ўгирилиб, деди:
— Қани, Вуди, бир сакраб ерга туш-да, Мак Бернс билан таниш. — Ана шундай мураккаб ҳаракатдан сўнг Бэркхардт столнинг нариги томонига шу тарзда жойлашдики, унга чўзилган қўлни қисиб қўйишдан атайлаб бош тортди деган тасаввурга ўрин қолдирмади. Палмер олдинга юриб, Бернснинг қўлини қисди.
— Мистер Бернс, мен Вудс Палмерман.
Бэрнс жилмайди. Унинг қорамағиз оғзида бир текис майда оппоқ тишлари ялтиради.
— Мистер Бернс — менинг отам, Вуди, мени эса оддийгина қилиб Мак дейишади, — деди у.
— Мак, — дея такрорлади Палмер ва аста ўриндиққа чўкди.
Бэркхардт ҳам худди шундай ўриндиққа ўтирди-да, бўшлиққа қараб нимагадир иржайиб қўйди.
— Вуди — бизнинг иерархиямизда1  иккинчи рақамли одам ҳисобланади, — деди Бэркхардт. — Вуди Палмер — менинг биринчи вице-президентим... Уни сизга таништираман.
— Лэйн... — деди Бернс ва мана шу бир бўғинли сўз ҳавода осилиб қолди. Бернс ушбу вазиятга ҳал этилмаган ҳолда қолиш имконини берди, ўз оромкурсисига ўтирди, қорамтир-кўк шимининг қатламини тиззалари устидан бироз тортиб қўйди. У костюмини кўздан кечириб, енгида мавжуд бўлмаган чангни қоқиб қўйгандек бўлди. Палмер Бернснинг костюми ажойиб бичимда эканига эътибор берди. Унинг тикилиши машҳур ака-ука Брукслар буюмларига ўхшамасди. Бошқа ҳар қандай русумдаги машҳур костюм ҳам бунга тенглаша олмасди. Фақат оқ кўйлагигина унча қовушмай турарди.
— Лэйн, — такрорлади Бернс, — мижозим мени хабардор қилиб турадиган бўлса, менинг реклама ва ахборот соҳасидаги мутахассислигим қаерда қолди? Лэйн, ахир, сиз жудаям банд одамсиз. Рухсат этинг, Вуди ҳақида сизга ахборот берай.
Орага қисқа жимлик чўкди. Палмер бу икки одам бир-бирини ёқтирмас¬лигини ҳис этди. Бу одам билан муомалада бўлишга мажбур эканлиги Бэркхардтнинг ғашини келтирарди. Бернс эса кутдириб қўйишганидан аламзада эди. Ҳозирги пайтда Палмер бу икки одамнинг бир-бирини хуш кўрмаслиги қай даражага етганини ҳали аниқлай олмаганди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир-бирига нафратини ошкора ифодалайдиганлар тоифасидан эмасди.
— Майли, Мак, — деди Бэркхардт столга қараганича хотиржам, — навбат сизники, қани, гапиринг.
— Вудс Палмер-кенжатой, — деди Бернс ва жилмайиб Палмерга қаради. Бу қарашидан у ушбу вазиятдан кескин норозиман дегандай бўларди. У Палмерга диққат билан қараб сўзида давом этди: — Декабрда у қирқ беш ёшга тўлади. Иллинойс штатидаги Гленко шаҳрилик Эдис Эдисонга уйланган. Унинг Вудс Палмер-учинчи деган ўғли, Жералдина исмли қизи ва тўққиз ёшли Том деган ўғли бор. Иккинчи жаҳон уруши пайтида унга ҳарбий ҳаво кучлари под-полковниги унвони берилган ва у кўпинча разведка қилиш характеридаги топшириқларни бажарган. У...
— ... банкир бўлиш учун ҳаддан ташқари моҳир, жин урсин, — Бернснинг сўзини илиб кетди қария, — аммо, Мак, сизга мос тушиши учун етарли даражада айёр ҳам.
— Сиз менинг ахборотимни охиригача эшитишни истамаяпсизми? — сўради истеҳзо билан Бернс. — Менинг идорам бунга анча вақт сарфлади.
— Бундай иш ҳамманинг ҳам қўлидан келади, — деди Бэркхардт паст овоз билан. — Бироқ ҳаммасидан кўра, мени у ҳақда маълумот тўплаш учун нега ўз идорангизга топшириқ берганингиз қизиқтиради, ахир, унинг янги лавозимга тайинланиши ҳеч кимга маълум эмасди-ку.
Бернс оғзини беўхшов қийшайтирди, лаблари қимтилгандай бўлди. У елкаларини қисиб, гапира кетди:
— Лэйн, сиз мени ёллаганингизда, энг яхши кадр сифатида танлаб олгандингиз. Сизни мен қандай қилиб яхши бўлганлигим қизиқтирмасди. Сизга мен керак эдим, шунинг ўзи кифоя эди.
— Тағин касб-корлик сирларими? — тўнғиллади Бэркхардт.
— Нима, кўзбойлоқчи ўз найрангларини қандай амалга оширишини изоҳлаб ўтирадими? — сўради Бернс.
— Демак, мен найранг учун пул тўлар эканман-да? — деди Бэркхардт сал олдинга интилиб.
— Йўқ, албатта, — эътироз билдирди Бернс. У оромкурси суянчиғига ястаниб, ўз бошлиғига назокат билан жилмайди. — Йўқ, асло, — сиз найранг учун тўлаётганингиз йўқ, — давом этди Бернс, — аммо Лэйн... — ва бу сўз ҳам ҳавода муаллақ туриб қолди... — Сиз чиндан ҳам сеҳргарни ёлладингиз. Фақат сеҳргаргина сиз учун шундай найранглар кўрсата олади.
Яна жимлик чўкди. Палмер бу икки эркак ўзаро муносабатларининг янги босқичига кирганликларини тушунди. Улар ўртасидаги нафрат ҳашаматдан заруратга айланди.


Олтинчи боб

Ресторан унча катта эмас, лекин сахийлик билан безатилганди. Унинг ягона тор ва узун залига рококо услубидаги мураккаб безакли оқ-пушти ранг ромлардаги кўзгулар илиб ташланганди. Залнинг хира ёруғида Палмер ойналар нақшини унча илғай олмади. Кўзини қисган ҳолда қўлидаги қадаҳга нигоҳ ташлаб, уни аста лабига олиб борди ва шошмасдан охиригача ичди.
Унинг қаршисидаги стол ёнида Мак Бернс ўтирар ва паст овозда телефон гўшагига алланималарни гапирарди. Ресторанга улар иккаласи келишди. Бурчакдаги стол атрофига ўтиришлари билан Мак Бернсга телефон тутқазишди.
— Йўқ, азизам... — деди Бернс совуқ бир овозда. — Билганини қилсин, жўнатвор уни... — Лекин унинг кейинги сўзларини англаб бўлмади.
Палмер вискидан сипқарганча Бернсни кузатарди. Афтидан қиладиган иши шундан иборат эди. Бу томошанинг ҳаммаси: банк биносидаги учрашув саҳнаси, унга ва оиласига оид маълумотларни намойиш қилиш, ниҳоят, безаклари билан мижозларни лол қолдиришга мўлжалланган ушбу ресторан — чиндан ҳам яхши таассурот қолдирарди. Бернс нуфузли одам сифатида жамиятда муайян ўрин тутарди. Палмер буни билар, лекин ўз нуфузини тасдиқлатиб олиш учун нега бунчалик беъмани йўлдан бораётганига ҳайрон бўларди. Аслида Бернс унга ёпиштиришаётган кучга эгами? Палмер бирдан шубҳалар қуршовида қолди, Бернснинг шуҳратига, умуман, ишониш мумкинми? У зийрак одамга ўхшарди, лекин лўттибозликлари қанчалик ўринсиз таассурот қолдираётганини наҳотки сезмаса?
Бернс телефон гўшагини жойига қўйди-да, Палмерга қаради.
—  Вуди, мени яна бир дақиқага кечиришингизга тўғри келади, — деди у ва тағин гўшакни кўтарди. — Дўндиқча, мени Венесуэладаги Каракас билан уланг, — унинг телефончи қизга мурожаат қилиб гапиргани аниқ эшитилди. — Рақами Сан-Мартин 00-40, шу давр ичида мени идорам билан улашга ҳам улгурасиз. Раҳмат, қизалоқ.
Палмер ўзини ноқулай сезиб, Бернсга қарамасликка уриниб, қўлидаги шотланд вискиси тўла қадҳнинг қаҳрабо рангини томоша қиларди. Қулоғига Бернснинг гапи чалинди:
— Вуди, кечирасиз, яна бир дақиқа. — Палмер бошини кўтариб, Бернснинг тағин энгашиб олиб телефонга шивирлаётганини кўрди. — Бу мен, жонгинам, телефонга... чақириб беринг... — нима деяётганини эшитиб бўлмади.
Палмер ўриндиқ суянчиғига ястаниб кўзини юмди. Бундай ноқулай вазият ниҳоят тугар деган умидда эди. Бернс сира уялмаяпти-ку, нега энди мен бунча безовта бўлишим керак? Палмер кўзини очиб, Бернсга қараб, уни кузатишда давом этди.
У тахминан Палмер билан тенгқур — қарийб қирқ беш ёшларда эди. Буғдой ранг. Калта сочи орқага қараб силлиқ таралганди. Палмер диққат билан бу одамнинг юзи қанчалик тез ўзгариб туришини кузатарди. У бундай башара ёшликда оғир кун кечирган одамдагина бўлиши мумкин деган қарорга келди. Палмер уни кузата туриб, Бернс умуман, ўзига яраша мароқли, ҳатто ораста, лекин ғалати қилиқли одам экан, деган хулосага келди. Бернснинг атайин қилаётган имолари унга ниқоб бўлибгина хизмат қилмасдан, ўз характерининг туб моҳиятини ўзининг англаб етишига халақит берарди. Ҳатто унинг оқиш сочлари ҳам, афтидан, унга ниқоб бўлиб хизмат қиларди. Лекин, барибир, унинг аслида ким эканини тасаввур қилиш қийин эди. Ўзининг даъвогарлиги ва шуҳратпарастлигига қарамай, аслида ўзи ким эканлигини ҳисобга олмай, Бернс ҳозирги мавқеига эриша олиши амри маҳол эди.
Палмер столдан қадаҳини қўлига олиб, унинг бўшлигини пайқади. Шу заҳоти ҳузурида официант пайдо бўлди. У қоши билан бўшаган қадаҳга имо қилиб, Бернснинг телефондаги суҳбатига халақит беришдан ҳайиқаётганини билдириб, қисқача: «Янами, сэр?» деди.
Палмер ҳам «қуй» дегандай имо қилди. Сўнг:
— Шотланд вискиси сода билан, — деди баланд овозда. Буни кутмаган официант бир қалқиб тушди.
— ... якшанбалик чиқиш ҳақида ўйламанг ҳам... — деди телефон гўшагига Бэрнс.
Буюртма бериб бўлгач, Палмер диққат билан Бернснинг игнатугмасини кузата бошлади. Уларнинг ҳар бири атом тузилиши шаклидаги зарҳал гардишли бўлиб, унинг унсурлари кўк ёқут ва тўрт дона майда олмосдан ясалганди.
Ниҳоят, Бернс гўшакни қўйди.
— Каракасга уланиб бўлмаяпти, — деди у бепарвогина. — Э-ҳа, сизни қизиқтирган буми? Бу менинг тимсолим. — У игнатугмасини ечиб олиб, кўзига яқинроқ олиб борди. — Углерод бўлмаса, — деди у, — ерда ҳаёт бўлиши мумкин эмасди. Албатта, ҳаётнинг ўзини ҳисобга олмаганда, углерод тангрининг бебаҳо инъомидир.
— Демак, кўк ёқут — атом ядроси, олмослар эса электронлардир, — деди Палмер.
Бернснинг оғзи гапириш учун очилди-ю,яна ёпилди ва юзини табассум қоплади: — Лэйн ҳақ экан. Сиз банкирлик учун анча ақлли кўринасиз. Аммо бу нарсанинг бошқа маъноси ҳам бор. — Шу сўзларни айтаркан, Бэрнс қўлини шундай қайирдики, олмосларга урилиб қайтган нур тўғри Палмернинг кўзига тушди. — Кўк ёқут — бу одам, ўзига хосликдир. Олмослар унга мангуга қадалган. Бу бахтнинг тўрт унсури — соғлиқ, бойлик, дўстлар ва сармоя демакдир.
— Соғлиқ, бойлик, дўстлар ва сармоя? — қайта сўради Палмер. У тўғри эшитганига ишонч йўқ эди.
Бернс унга бироз тикилиб турди, унинг сарғишроқ кўзлари қорайгандек бўлди.
— Худди шундай, — деди Бернс. Унинг лаблари бир зумга қисилди. Сўнг у сўзида давом этди: — Ўйлашимча, молиячига бойлик билан пул ўртасидаги фарқни тушунтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Шу пайт официант Палмерга виски олиб келди. Палмер ўриндиққа суянди.
Бернс қадаҳига лаб ҳам теккизмади.
— Пул — сен эга бўлган сармоядир, агар у етарли миқдорда бўлса-ю, узоқ вақт мобайнида қўлингда ушлаб туролсанг, у бойликка айланади, — деди Палмер.
Бернс бошини чайқади.
— Менга сизнинг молиявий маслаҳатчингиз бўлишимга рухсат этинг, — деди у. — Пул бу менда бор нарса. Бойлик — бу мен ўлганимда болаларимга қолдирадиган нарсадир.
— Ёки, — дея давом этди бирдан хушчақчақ бўлиб қолган Палмер, — пул биз сарфлаётган нарсадир, бойлик эса асраганимиз.
— Йўқ. Пул — ўғит, холос. Бойлик бўлса — йиғиштирилган ҳосил.
Бернс стол узра энгашди, унинг игнатугмасидаги олмослар ялтираб кетди.
— Айт-чи, Вуди, нега мен Лэйн Бэркхардт билан мана шу тарзда гаплаша олмайман? — сўради у.
Палмер кўзларини қисди, сўнг суҳбатдошининг нигоҳига тикилди:
— Сизда бу нарса чиндан ҳам қовушмаяптими?
— Бўлмасам-чи. Биз ҳеч қачон келиша олмаганмиз. Бунинг боиси нимада?
— Буни сиз яхши билишингиз керак, ахир, у билан мендан кўра кўпроқ ишлагансизлар.
— Сиз эса уни болалигингиздан биласиз, — деди Бернс. — Хўш, жавоб қанақа бўлади энди?
— Агар билган тақдиримда ҳам мени айтади, деб ўйлаяпсизми? — саволга савол билан жавоб берди Палмер. — Ахир, ўзингиз ҳам тегишли маълумотни тўплашингиз керак бўлган одам айнан шу кимса эканини менга ҳеч қачон айтмаган бўлардингиз. Бу касб-корлик сирига оид соҳа.
Бернс бир оз жим қолди.
— Борди-ю, агар мен сизга бор гапни айтиб берсам, унда бу ҳақда ҳеч ким эшитмайди, деб ваъда беришингиз керак.
— Ваъда беролмайман, — деди Палмер. — Ўзингиз тушунасиз-ку.
— Ҳа, тушунаман, — деди базўр Бэрнс. — Шунингдек, биз Лэйн билан нега чиқиша олмаётганимизни ҳам биламан. — У гапидан тўхтаб, елкасини қисди. Кейин кутилмаган куч билан қўшиб қўйди: — Лекин, майли, орамизда бошқа ҳеч қанақа сир бўлмасин, Вуди. Мен жиддий гапираяпман.
Ёш бола гўллиги ўрнини бундай шафқатсизлик эгаллаши Палмерни ҳайратга солди. Чунки ҳозир улар муҳокама қилаётган нарсанинг бунга сира дахли йўқ эди. Албатта, Бернснинг гапирганларини у бошқа талқин қилмаганда...
— Мен банкирман, — жавоб берди Палмер. — Мен қадриятнинг икки тоифасига эгаман, холос. Мен таклиф қила оладиган тоифа: бу пул ва омонатчи сирини сақлай билиш. Сирларни кўргани кўзим йўқ, лекин умрим бўйи икки кишига бемалол етиб ортадиганидан ҳам кўпроқ сирни сақлашимга тўғри келди.
— Аммо уларни мендан яширманг, Вуди, — туриб олди Бернс. — Биз ўзимизга бунчалик дабдабани эп кўролмаймиз, айниқса, ҳозир. — У нафасини ростлаб олди. — Бировнинг ихтиёри билан қандай аҳволга тушиб қолганингиз ҳақида ҳеч бўлмаса сал-пал тасаввурга эгамисиз? Ёки ҳеч бўлмаса вазият нақадар танглашишини сезмаяпсизми?
— Афтидан, вазият аллақачон танглашиб бўлди. Бэркхардтни ташвишга солиш учун шунинг ўзи етарли.
— Бўлмасам-чи! — чўрт кесди Бернс. — Бэркхардт ташвишлана бошладими, демак икки марта кўпроқ ташвишланишим керак. Ҳар иккаламиз ҳам ташвишлана бошлаганимизда эса, бир неча миллион кишиларда қайғуриш учун етарли асос пайдо бўлади.
Палмер виски тўлдирилган иккинчи қадаҳни олди-да, аста-секин, қултумлаб ича бошлади. У Бернснинг биринчи қадаҳини ичиб тугатишини кутишга қарор қилганга ўхшарди.
— «Юнайтед бэнк» учун нима яхши бўлса, Америка учун ҳам шу яхши, — деди у. — Унинг учун нима ёмон бўлса...
— Мутлақо тўғри. Сизни, афтидан, яхшилаб хабардор қилишганга ўхшайди, — деди у.
— Ушбу маълумотларни олиш учун менинг идорам бутун тонг бўйи ишлади, — деди Палмер ҳазиломуз, боягина Бернс айтган жумлани такрорлаб.
Бернс ўзини орқароқ ташлаб, диққат билан Палмерга қаради. Унинг ўзига хос юзи ҳозир ҳеч нарсани ифодаламас, ҳатто оғзи ҳам қимирламасди. Кейин у мулойим жилмайди.
— Вуди, — деб бошлади-ю, тўхтаб қолди. Бу сўзнинг ҳавода қандай жаранглашини тинглагандай кутиб турди. Сўнг давом этди: — Вуди, ЮБТКдан кетсангиз нима қилади? Сиздай вице-президентга яхшироқ жой топиш мумкин.
— Кетиш? И-е, уерда ишлашни энди бошладим, ахир, — ҳайрон бўлди Палмер.
— Агар сизни ўз томонимга оғдириб олсам, биласизми, Лэйн мени нима қиларди? Яхшиси  ўз бўйнимни узиб ташлаганим маъқул.
Палмер ўзини жуда ноқулай сезди, лекин ўз олдида ҳар ҳил даҳшатларни тўқиб чиқариб, кейин улардан қўрқаётган ёш болани кўргандек жилмайиб турди.
— Э-э, жудаям ошириб юборманг, — деди у. — Сизда яна битта игнатугма қоларди. У билан яна анча йиллар кун кўришингиз мумкин бўларди.
У шу заҳоти айтган сўзларидан афсусланди. Бу жуда андишасизлик бўлди. Бэрнс ундан хафа бўлишга ҳақли эди. Палмер ўзини ноқулай сезиб, Бэрнсга разм солди.
Бернснинг кўзлари олайди. Лекин оғиз очмади. Шу боис энди нима юз бериши мумкинлигини билолмай қолди.
— Айтинг-чи, булар ростдан ҳам сизга шунчалик ёқаяптими? — кутилмаганда сўради Бэрнс ва кўйлаги енгидан игнатугмаларини ола бошлади.
— Мана, азизим, олинг уларни.
— Қулоқ солсангиз-чи, мен...
— Олинг, олаверинг, мен мутлақо жиддий айтаяпман.
— Лекин менга керакмас...
— Бўлмаган гап, — тиқилинч қилди Бернс уларни Палмерга тиқиштираркан.
— Улар сизники, бор гап шу. Бўлди, эсдан чиқарайлик буни. Мен, барибир, Рождество байрамида уларни сизга ҳадя қилардим. Агар менга август ойида бир одам ёқиб қолса, наҳотки буни тан олиш учун декабргача кутсам?
Биринчидан, ўринсиз аҳмоқона гап айтганидан, кейин эса нолойиқ тарзда шундай мукофотга сазовор бўлишидан ўз айбини янада каттароқ ҳис қилиб, Палмер «ташаккур»га ўхшаш тушунарсиз нимадир деб тўнғиллади-да, игнатугмаларни олди.
Бернс бармоқларини шақиллатди, шу заҳоти унинг олдида бош официант пайдо бўлди.
— Алекс, — дея мурожаат қилди унга Бернс. — Алекс, азизим, мистер Палмернинг қимматли тугмаси учун дурустроқ ғилоф топсангиз, менга эса шу клубнинг рамзий игнатугмасидан бир жуфтини қараб кўринг-а, хўпми?
Алекс бош ирғади ва шу он ғойиб бўлди. Палмер ва Бернс бир неча сония бир-бирига қараб қолишди. Палмер бу қилиғидан ўзини пасткашдек ҳис этарди, чунки шу бугун янги кўйлак кийган бўлиб, унинг енглари тугма билан қадалар эди. Унда дурустгина француз игнатугмалари бор эди, агар ўшалар ёнида бўлганда эди, у Бернснинг илтифотига илтифот билан жавоб қайтарган бўлар эди.
— Шундай қилиб, — деди Бернс, — Лэйн менга ҳамкорлик қилишим учун қачон одам бераркан деб роса кутдим. Лекин унинг Чикагодан чақирилишини ҳеч кутмагандим.
— Хўш, ҳамкорликни қачон бошлаймиз? — сўради Палмер.
— Азизим, мана, ўн беш дақиқа бўлаяптики, биз ҳамкорлик қилаяпмиз.
Палмер кулимсиради.
— Агар шу иш деб аталса, демак мени кўп йиллардан бери аҳмоқ қилиб келишаётган экан-да. Ҳозир биз нима қилаяпмиз ўзи?
— Ўзимизни шарҳлашга имкон бераяпмиз, — тушунтирди Бернс. — Биргаликда. Айнан керак жойда. Айнан кимларга керак бўлсак, ўшаларга. Бу менга Голливуддаги дастлабки қадамларимни эслатаяпти. Энди эса атрофга алангламасликка ҳаракат қилинг. Залнинг бурчагидаги стол ёнида бир одам ўтирибди. У нонуштасини тамадди қилиб бўлди. Бир дақиқадан сўнг у ўрнидан туриб эшикка қараб юради ва ўтиб кетаётиб, сиз билан саломлашиш учун қаршингизда тўхтайди. Унинг исмининг аҳамияти йўқ. Лекин у бир неча нуфузли журналистлар хизматидаги айғоқчи. Бироқ, уни столимизга бир қадаҳ коньяк ичишга таклиф қилишга арзимайди. Унинг бирдан-бир вазифаси шундан иборатки, сиз билан бир стол теварагида ўтириб суҳбатлашганимизни қайд этиб, тегишли жойга етказишдир.
— Бизнинг бу ерда ўтиришимизнинг нима аҳамияти бор?
— Мак Бернс билан бу ерга тамадди қилгани келган ҳар қандай одам газета мақоласи учун мавзу бўлиши мумкин. Бу одам реклама доирасининг оддий вакили, арзон шов-шувлар билан шуғулланади. Бундан йигирма йил муқаддам мен ҳам шундай бошлаган эдим. У шаҳар бўйлаб изғиб юради, қандайдир воқеадан хабар топиб, журналистларга етказади.
— Биргаликда журналистларга кўринсак, қайтага яхши бўлмасмиди?
— Ундай қилиш ярамайди, — деди Бернс астагина бошини силкиб. — Вуди, мен, албатта банк соҳасида ҳали кўп нарсани ўрганишим керак, лекин сиз матбуот ва реклама масаласида яхшироқ шуғулланишингиз лозим. Мавзу ва мазмунни журналистга тиқиштириш мумкинмас. У ўз-ўзидан бунда бир гап бор деб шубҳаланиб қолади. Бу мавзу уларнинг қулоғига чалиниши керак. Шундагина улар олдингизга югуриб келишади. Гап нимадалигини ўзлари қидириб, аниқлашлари даркор. Зеро, шундагина у ўзини ниманидир сезгандек ҳис қилади. Шундагина унда бу айнан шундай экан деган ишонч туғилади. Ва шундагина у ўзи мақоласини дадил чоп эттиради. — Бернснинг қўли стол устидан чўзилиб, Палмернинг қўлига тегинди.
— Диққат. Ана, у ўрнидан тураяпти. У яқинлашганида, ўзингизни уни кўрмаётганликка солинг.
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас улар томонга бир семиз киши кела бошлади. Уларнинг столига рўбарў бўлгач, тўхтаб, сассиз саломлашди. Бернс унга сохта ҳайрат билан қаради ва шу заҳоти тиржайиб, илтифот кўрсатди:
— И-е, сенмисан? Салом, оғайни Лен.
Ҳалиги киши уларга яқинлашди, гупиллаб шароб ҳиди урилди.
— Мэкки, қадрдоним, Wie geth’s1?
— Ҳамон ўша — эски ҳаммом, эски тос.
— Кўп тушираяпсанми?
Бернс заҳарханда жилмайди:
— Сенга кўп бўлиб кўринса керак.
Лен тушунгандай кулиб, Палмерга ўгирилди.
— Лен Бэннон, — ўзини таништирда қўлини чўзмоқчи бўлиб.
Палмер унинг нигоҳидан кўзини олиб қочиб, бош ирғади.
— Бу Вуди Палмер. Танишинглар, — деди Бернс. — Лекин уни бу ерда кўрганингни унут, Ленни, оғайни.
Леннининг кўзлари олайди.
— Нима, жиддий гапми?
Бернс бошини чайқаб, жилмайди:
— Лен, азизим, сен хафа бўлмагин-у, ҳамма нарсани тушунавериш сенинг миядор каллангга ҳам оғирлик қилади.
— О кэй, Мэкки, майли сен айтгандай бўлсин. Seid gesund2.
Лен Бернсга қўлини чўзди, унинг қўлини қисиб қўйди-да, эшикка шошилди.
— Мендан Катта Викка салом деб қўй, — деди у чиқиб кета туриб.
— Мана, бугунги иш ҳам битди. — тўнғиллади унинг орқасидан қараб қоларкан Бернс. Кейин Палмерга бурилди-да:
— Жуда соз, — деб қўйди.
— Ҳа, майли, у менинг чикаголик банкир эканимни билди, деб тахмин қилайлик, сиз шуни ҳоҳлагандингиз. Лекин менинг ЮБТКда ишлашим унга ҳали маълум эмас-ку.
Бернс қошларини чимирди:
— Нима бало, матбуотга мўлжалланган ахборотимизни Лэйн сизга кўрсатмадими? — У пиджагининг ички чўнтагини ковлаштириб бир варақ букланган қоғозни олди.
— Ушбу ахборот бугун курьеримиз билан газеталар таҳририятларига ва телеграф агентликларига юборилди, — деди у.
Палмер қоғозни ёйди. У «Юнайтед бэнк» бланки бўлиб, матн олтин ҳарфлар билан ёзилган эди. Ротопринтда кўпайтирилган хабарнинг сарлавҳасида «Палмер омонат банкларига қарши курашиш учун компанияга ишга ўтди» дейиларди.
Палмер ҳайрон бўлиб Бернсга қаради:
— Бу ҳақда мен билан ҳеч ким келишиб олгани йўқ. Мен расмий равишда фақат бир ойдан кейин ишга тушаман.
— Вуди, биз битта қайиқда сузаяпмиз, ахир. Мен ушбу нусхани юқори қаватдаги эшик олдида ўтирган баланд бўйли малласоч қиз столидан олганман.
— Лекин сиз реклама масалалари бўйича ЮБТК маслаҳатчисисиз, ахир? — қизиқиб сўради Палмер. — Ахир, бундай материаллар сизнинг имзоингизсиз тарқатилмайди.
— Бу менинг вазифамга киришини ҳеч ким билмайди. Худди шу боисдан ҳам Лен Бэккон иккаламизни биргаликда кўриши шунчалар муҳим эди.
— Унда бу хабарни ким тарқатди, ахир, жин урсин? Реклама бўлимими? — сўради Палмер ғазабланиб.
— Ҳа-да, бошқа ким юборарди!
— Ҳатто олдиндан мен билан келишмай туриб-а? Бу қандай сурбетлик, жин урсин.
Бернс қўлларини ёйди, кафтларини юқори қаратиб кўтаргани учун куйлагининг тугмаси солинмаган енглари қанотларга ўхшаб шалпайиб пастга тушди.
— Нима бу хабарда сизга бирор нарса ёқмаяптими? — сўради у.
— Билмайман, — тўнғиллади Палмер ва хабар мазмунини ҳали ўқиб чиқмаганини эслаб, унга кўз югуртирди:
«Энг йирик Америка банки — ЮБТК президенти ва бошқарув раиси Лэйн Бэркхардт бугун шуни эълон қилдики, чикаголик таниқли банкир, Вудс Палмер-кенжа, собиқ президент...».
Бернс тирсаги ёнидаги телефон яна секин, аммо қатъият билан жиринглади. Палмер ўқишдан тўхтади.
— Эҳтимол, Каракасдир, — деди айбдор овоз билан Бернс. — Алло? — унинг овози бирдан юмшади. — Сизни чақиришяпти, — деб гўшакни Палмерга тутқазди.
— Алло?
— Жаноб Палмерни, марҳамат, — деди телефончи қиз.
— Палмер эшитаяпти.
— Сизни шаҳарлараро станция сўраяпти, кутиб туринг, илтимос.
Палмер кутиб турди. У ёқдан жавоб бўлмагач:
— Гапирсангиз-чи, — деди Палмер.
— Вудс? — Эдиснинг ҳаяжонланган овози эшитилди. — Алло, Вудс...
— Эдис, қаердан гапираяпсан?
— Мен дала ҳовлидан сим қоқаяпман. Тинимсиз телефон қилишяпти, газеталар билишни истайди, Вудс...
— Ҳа, ҳа, мен эшитаяпман.
— Вудс, шу ростми?
Уэллсли коллежда унга сингдирилган сўзлаш оҳанги ҳар қандай ички ҳаяжонини ишонч билан яширишга қодир эканлигига қарамай, Палмер рафиқасини етарли даражада яхши биларди, шунинг учун ҳам Эдис ўзи ва оиласи теварагида вужудга келтирган сунъий дунёчада нимадир ўзгарганини ҳис қилди. Гўё кимдир деразага тош отган-у, синган шиша парчалари гилам узра сочилиб кетгандай.
— Нима, ростми, Эдис? — сўради Палмер, уни бир оз қийнаш имконияти нега қувонтираётганини ўзи ҳам тушунмай.
— Сенинг янги ишинг-да, нима бўларди. Айтишларича... «Чикаго трибюн» вакили мендан сўради, Нью-Йоркдаги «Сан-Таймс» бюросидан ҳам одамлар келишди, Вудс?
— Жерри сенга айтмадими?
— Жерри? — Эдиснинг овози хафалик оҳангини йўқотди ва ўз товуши бўлиб эшитилди. Болалар — энди унинг ташвиши. Гаплашганда болаларни ҳам эслатиб ўтди. — Буларнинг ҳаммасига Жеррининг нима алоқаси бор?
— Эдис, бугун эрталаб мен қўнғироқ қилдим, ахир.
— Қўнғироқ қилдинг? Бу ёққа, бизларгами?
— Ҳа-да. Сен йўқ экансан, Жерридан илтимос қилдим...
— Бугун эрталаб мен йўқмидим? Қайси пайт эди? — сўради Эдис.
— Эрталаб саккизда ёки бизнинг вақт билан саккиз яримда.
— Бўлмаган гап, — эътироз билдирди Эдис, яна ўзини дадил тутиб. — Соат ўнгача мен уйда эдим.
— Мен Жерридан сени қидириб топишни сўрадим. У ўз одати бўйича қаёққадир йўқ бўлиб кетди-да, кейин келиб сени тополмаганини айтди.
— Э, азизим, унинг ёшидаги қизчадан буни кутса бўлади. — Эдиснинг овозида одатдаги ишонч оҳанги жаранглади.
— Ҳозир унда турли ўзгаришлар юз бермоқда. Бу табиий.
— Хўп, майли, — деди Палмер. — Яхшиси айт, сизларда аҳвол қанақа?
— Яхши, яшаса бўлади.
Палмер хотини отдан тушса ҳам, эгардан тушгиси келмаётганини тушунди.
— Матбуот вакилларига нима деб айтай, азизим?
— Айт, Нью-Йоркка телефон қилишсин. Ўша хабар менинг розилигимсиз матбуотга вақтидан илгари бериб юборилган экан. Бундан роса жаҳлим чиқди.
— Нима, бу нотўғрими?
— Йўқ, умуман ҳаммаси тўғри.
— Яхши, мен... — Бирдан унинг овози ўчди, чунки юзини телефондан буриб, ёнида турган кимдир билан гаплашди. — Майли, азизим, омон бўл, — деди у яна гўшакка.
— Сен мени бу ердан қандай топдинг?
— О, албатта, — деди хоним кимгадир телефон симининг у томонида, — сўзсиз... Азизим, Нью-Йоркда иссиқми?
— Эдис, мени бу ердан қандай қилиб топдинг, деб сўраяпман? — такрорлади Палмер жаҳли чиқиб.
— Мен «Юнион лиг» клубига сим қоқдим. У ерда менга банкнинг телефон рақамини беришди. Банкдаги қиз эса мени шу телефонга улади. Бизда анча совуқ тушиб қолди.
— Мен эса бу ерда нафас ололмаяпман, — деди истеҳзо билан Палмер. — Мен сенга кечқурун ёки эрталаб телефон қиламан. Яхши қол...
— ... тахминан ярим фунт, миссис Кейж... — сўнг яна баланд овозда: — Нима дединг, азизим?
— Яхши қол, дедим.
— Яхши қол, азизим.
Суҳбат тугади. Палмер гўшакни қўйди ва қадаҳни бир кўтаришда бўшатди. Бернсга қараганда эса унинг лабларида енгил ишшайишни фаҳмлади. Унинг бу табассуми жуда сирли бўлиб кўринди.
— Хўш, бу ёғи нима? — ғазаб билан сўради Палмер.
— Матбуот учун хабарни охиригача ўқинг.
— Қўйинг ўша хабарни.
Бернс ҳеч нима демади. Сўнгра, табассумсиз, ўз қадаҳини кўтарди-да, Палмер билан чўқиштириш учун стол оша чўзилди.
— Энди қадаҳ сўзи айтайлик, — деди у, оғзининг бурчакларида нимадир титрагандай бўлди. — Мен соғлиқ, бойлик, дўстлар ёки пул учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилолмайман. Буларнинг барчаси сизда бор.
— Қадаҳ сўзи айтмасдан ҳам ичиш мумкин, — деди Палмер, ҳалигача Бэркхардт ва Эдисга жаҳлидан тушмасдан.
— Дўстинг билан биринчи марта ичаётган бўлсанг, қадаҳ сўзи айтмасдан бўлмайди, — туриб олди Бернс. — Шундай қилиб, нима учун ичамиз? Биз ушбу ишимизни бошлаб юборгач, бунақа бемалол овқатланиш имконияти бўлиши даргумон.
— Унда, келинг, сизнинг игнатугмангизга яна битта олмос қўшайлик, — деди Палмер, ачитиб узиб олмоқдан ўзини тиёлмай. — Донолик учун ича қолмаймизми?
— Пул ва дўстлар бўлган тақдирда доноликнинг нима кераги бор? — сўради Бернс ва ўзи жавоб қилди. — Йўқ.
Бернснинг қисқа жавоби ҳавода бир неча сония турди, кейин Бернснинг сарғиш кўзлари сузилди.
— Кел, яхшиси, ҳалиги... муҳаббат учун ичайлик.
Улар бир-бирларини эҳтиёткорлик билан кузатиб, ўз қадаҳларини аста-секин, қултум-бақултум бўшатдилар.



Еттинчи боб

Бернсдан ажралиб кетиш унчалик осон эмасди. Тўғри, Палмер тамаддини икки яримга тугаллашга муваффақ бўлди. Лекин Бернс Палмердан у билан реклама агентлигига боришни сўради. У шу агентликда жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарарди. Палмер бу таклифга чап беришга эришди, лекин бунинг ўрнига Бернс ундан кечқурун бирга овқатланиш ваъдасини олди.
Бернс уни таксида олиб боришни таклиф этди, лекин Палмер пиёда юргиси келаётганини айтди ва ниҳоят у билан хайрлашди. Палмернинг энг аввал қилган иши шу бўлдики, автоматдан Бэркхардтга телефон қилди. Унга Бэркхардт Бешинчи авенюдаги идорадан кетганини айтишди. У банкнинг Бруклин ва Куинсдаги филиалларида иш қандай бораётгани билан танишмоқчи экан. Палмерга Бэркхардт билан боғланишнинг имкони йўқлигини айтишди. Соат беш яримларда қайтиб келиши кутилмоқда экан.
— Сизни бу ерда қачон кутса бўлади? — сўради телефонда гапираётган қиз. — Гап шундаки, интерьер бўйича бизнинг безакчимиз сизни кўрмоқчи эмиш.
— Қанақа безакчи? — ҳайрон бўлди Палмер, лекин унинг автоматдаги вақти тугади ва у чўнтагини титиб чақа қидира бошлади. — Нима дедингиз? — деб сўради у ниҳоят.
— Жаноб Бэркхардт сиз бирор тузатиш киритасизми, деб ўйловдилар. Бу сизнинг ишлайдиган хонангиз хусусида. Шунинг учун биз безакчи рассомни чақиртирдик. У сизнинг кўрсатмаларингизни кутмоқда. Рассом куннинг иккинчи ярмида истаган пайтингизда сиз билан учрашишга тайёр.
Палмер соатига қаради:
— Ҳозир соат уч. Унга айтинг, соат тўртга кирсин. Чорак кам тўртда эса бизнинг реклама ва матбуот билан алоқа бўйича вакилимизни кўрмоқчиман.
— Мисс Клэри, — деди телефондаги қиз.
— Кечирасиз, нима дедингиз?
— Мисс Клэри бизда реклама ва ахборот масалалари билан шуғулланади. Мисс Виржиния Клэри.
Палмер хўрсинди:
— Яхши. Ўша Виржиния Клэри чорак кам тўртда ҳузуримга кирсин.
— Ташаккур, мистер Палмер. Бор гап шуми?
— Ҳа, бор гап шу.
— Унда яхши қолинг, мистер Палмер.
— Яхши қолинг. Вой, тўхтанг! Алло?... Бироқ уларни узиб қўйишганди. Палмер ўзининг хонаси қаерда жойлашганини билолмай қолди. Эҳтимол, Бешинчи авенюдаги банк бўлимларининг биттасида жойлашгандир, деб ўйлади Палмер. У телефон ҳужрасидан чиқди-да Лексингтон-авеню томонга бурилди. Бурчакка етгач, юришни секинлатди, август офтобидан кўзлари қамашиб, ёнидан ғувиллаб ўтиб кетаётган шовқинга қулоқ соларкан, унинг ўй-хаёллари Мак Бернс билан банд эди.
Бу одам ўша ўзгарувчан хусусиятга эга бўлишига қарамай, унинг асосий белгиларини ҳозир, танишувнинг дастлабки босқичидаёқ аниқлаш мумкин эди. Палмерда етарли далиллар етишмасди, лекин у шунга амин эдики, Бернс «романтиклар» тоифасидаги энг паст турлар вакилидир. Унинг фитналарга мойиллиги, Каракас билан телефонда сирли суҳбатлари, оддий воқеаларга ҳам изқуварларча ёндашуви, сирни сақлашга оид қасамёдлари, ниҳоят ўзини ҳаддан ташқари саховатли қилиб кўрсатиши, бу сифатларнинг ҳаммаси романтик авантюрачи портретини тасвирлаш имконини берарди. Шу боис ЮБТКгагина эмас, бошқа ҳар қандай банкка ҳам бу одамга бирор нарсани ишониш мумкин эмасди.
Палмер шуларни ўйлаганча Лексингтон-авеню бўйлаб, жанубий йўналишда, бирорта ҳам уй қолдирмай бузиб ташланган маҳалла ёқалаб кетиб борарди.
Қурилиш майдонининг зангори рангга бўялган баланд тахта тўсиғи орқасидан экскаваторларнинг шовқин-сурони, оғир юк машиналарининг гувиллаши эшитиларди. Палмер дарвоза олдида тўхтаб, «Мак-Кормик» фирмасининг баҳайбат юк ағдарма машинаси тупроқда чуқур из қолдириб, бузилган уй пойдеворининг парчаланган бетонларини ортганча Лексингтон-авеню бўйлаб қаёққадир олиб кетаётганини кузатиб қолди. Нью-Йоркнинг мана шундай ўзига хос белгиси — бетиним бузиш ва бунёд этиш жараёнига кўникишимга тўғри келади, деб ўйлади. Зеро оғриқли бу жараён бошқа шаҳарларга ҳам тез ёйилмоқда.
Бу ғоя аслида соғлом ғоя эди, лекин мамлакат иқтисодиёти барқарор ва ривожланаётган тақдирда кераксиз хизмат биноларини бузиб ташлаб, шу йўл билан солиқлар пасайишига эришиш, кейин қиммат турувчи янги иморатлар қуриш мумкин бўларди. Бу биноларнинг нархи устамонлик билан тўқилган қонунлар доирасида солиққа тортилган, қийматлардан олиб ташланар ва шу тариқа юқори мансабдорлар орасида ҳозир кенг қўлланилаётган кўчмас мулк борасидаги катта кўзбўямачиликларда роса қўл келарди.
Палмер ҳали ҳам дарвоза олдида турарди. Қурилиш майдонидан чиқиб келаётган навбатдаги ағдарма машина уни чангга белаб ўтиб кетди. Умуман, бундай қурилиш учун зарур бўлган иқтисодиётнинг бу тарзда қулай ривожланиши фақат тахмин қилинарди ва у худонинг инъоми билан осмондан тушгандай ўз-ўзидан барпо бўлади деб кутиб ўтирмасдан, уни бунёд қилиш керак, ўйларди Палмер. Ҳатто Винни Эстор ҳам шу атрофдаги биноларни бузишга киришганда бунга ишонч ҳосил қилди. Ишга сарфланаётган пуллар тугаб борар, эркин маблағ топиш қийинлашарди. Шунда Эстор бу ғояни уддалай оладиган омонатчиларидан бири «Фёрст нэшнл сити бэнк» зиммасига юклади. Аммо у ҳам бу қурилишни маблағ билан таъминлашга қодир эмасди. Бир вақтлар дабдабали «Эстор Плаза» номи билан юритилган сармоя маскани энди «Фёрст нэшнл сити бэнк» деб аталади.
Палмер яна Лексингтон-авеню бўйлаб юра бошлади. Эллик учинчи кўча муюлишига етгач, қурилиш майдончалари орасида омон қолган битта бинони кўриб қолди. Бу эски иморатни бузишга ҳали улгуришмаганди. Ялпи вайроналар саҳнида ёлғиз ва ўринсиз турган бу бино меҳмонлар ўзларига мўлжалланган торт кесимларини тинчитишгач, тақсимчада қолган сўнгги бўлакчани эслатарди. Қизиқ, деб ўйлади Палмер, шу иморатнинг эгаси қанақа нарх сўраган экан? Балки бу нархга Эсторнинг кучи етмагандир, лекин «Фёрст нэшнл сити бэнк» маъқул ҳақ тўлашни таклиф қилишга қодир. Ҳарҳолда буни вақт кўрсатади.
Палмер жилмайганича жанубий йўналишда Лексингтон-авеню ёқалаб юриб бораверди. Бузиб кунпаякун қилиб ташланган, харобага айланган майдон ўртасида якка-ёлғиз сўппайиб турган ана шу сўнгги қўрғонни томоша қилиш уни анча тинчлантиргандай бўлди. Гап, албатта, уй соҳиби ҳаддан ташқари катта нарх сўраганида эмас. У яхши буюм эгаси бўлгани учун ундан дурустроқ фойдаланди, холос. Лекин ўз йўлида дуч келган ҳамма нарсани бузиб, янчиб бораётган Буюк тараққиёт кўчкисига қарши турган мана шу ёлғиз қўрғон Палмерга анчайин завқ бағишлади.
Албатта, агар ЮБТК олдида шундай муаммо пайдо бўлса, ўйларди у, шунда мана шу ёлғиз қўрғонни ўз ихтиёрида бор бўлган барча воситалар ёрдамида яксон қилиш Палмернинг мажбуриятига кирарди. Лекин ҳозир бу ҳақда «Фёрст нэшнл» қайғуриши керак бўлгани учун мазкур манзарани томоша қилиш унга жуда ёқарди.
Эллик иккинчи кўчанинг муюлишида Палмер йўлдан ўтиш учун светофорни кутаркан, Бэркхардт билан учрашганда унга нима дейиши кераклигини ўйларди.
Янги вазифага тайинлаши ҳақидаги хабарни унинг ўз розилигини олмасдан туриб матбуотга бериб юбориш, шубҳасиз, ўрнатилган тартибни жиддий бузишдан бошқа нарса эмас. Бэркхардт билан буни гаплашиш учун унинг олдига киришдан олдин мисс Клэридан тўлиқ маълумотларни олиш лозим. Лекин у ниҳоятда қатъиятли бўлиши керак. Бу воқеага бефарқ қарайдиган бўлса, аввал- бошданоқ ўз мавқеини бўшаштиради. Бу эса унинг Бэркхардт ва банк бўлажак муносабатларига соя солиши мукин эди. Палмер бунга йўл қўёлмасди. Шу бугуноқ қарши ҳужумга ўтиши ва ўз сўзида қатъий туриб олиши керак бўларди.
Бу масалани Бэркхардт олдига қўяркан, Бернс шахсига доир тўхталишга ҳам тўғри келишини Палмер яхши тушунарди. Умуман, бу одамнинг ЮБТКга нима дахли бор? Банкнинг аҳволи қачон бунчалик дарз кетдики, Бернсга ўхшаш кимсалардан ёрдам сўрашга мажбур бўлинди?
Бернс ўзича зарар етказа олмасди, лекин у фақат салобатли банк билан боғлиқ бўлмаган пайтгача давом этади, деган қарорга келди Палмер. Унга ўхшаган одамлар бизнеснинг бошқа кўпгина тармоқларида ўз ишининг устаси бўлиб, бундай соҳаларда ташқи кўриниш ҳал қилувчи аҳамиятга моликдир.
Лекин банк, гарчи у дунёдаги барча банклар сингари ўзининг ташқи қиёфасига эга бўлса-да, моҳиятига кўра анча мураккаб ҳодисадир. Унинг асосини энг аниқ қиймат — пул ташкил қилади. Бу сармоя ва хизматдан ташкил топган мураккаб қурилманинг пойдеворидир. Банк жамият билан ўзаро муносабатларида ушбу тамойилни эътибордан қолдирса борми, — шундай ҳоллар юз берганди — дарҳол инқироз жараёни ҳаракатга келади, мижозлар кўз ўнгида обрў ва ишончга путур етади. Бу ҳалокатга элтувчи жараёндир.
Мак Бернс ким? — сўради ўз-ўзидан Палмер. Бэркхардт  у билан қандай боғланиб қолди? Балки Бернс раҳбарлик қилган реклама агентлиги туфайлидир. Нима учун Бэркхардт зўр бериб Бернс билан шахсий муомала қилмасликка уринади-ю, айни пайтда Палмерни у билан муносабатларни тиклашга ундайди? Нима сабабдан Бэркхардт билан Бернс ўртасидаги муносабатлар сир тутиб келинди? Мак Бернсдан ЮБТКга нима керак эди? Бэркхардт унинг хизматидан фойдаланар экан, у обрўсига доғ туширишга қанчалар тайёр?
Палмер турган йўлкадан Эллик биринчи кўчага тушиш учун энди қадам босган ҳам эдики, бирдан унинг шундоққина олдида, сал бўлмаса уриб юборай деб етти ўринли катта қора «кадиллак» бурчакка бурилди. Палмер ортга тисарилди. У ҳалиги нарсалар ҳақида ўйларга шу қадар берилиб, қаёққа кетаётганига эътибор  бермаганига ўзи ҳам ҳайрон қолди. Жин урсин, ўша Бернсни, у билан бирга қўшиб Лэйн Бэркхардтни ҳам.
Шу пайт Палмер бирдан ҳалиги семиз киши ресторанда Бернс билан хайрлаша туриб қандайдир исмни айтганини эслади. Бурчакда турганича, Палмер ўша исмни хотирлашга уринди. Бепарволик билан айтилган бу ном унинг қулоғи ёнидан ўтиб кетган бўлса-да, Палмер онгининг чуқур пучмоқларида из қолдиришга улгурган эди. Уни, албатта, эслаши керак, дерди Палмер.
Палмер хотирасини тиклашга чираниб кўзларини юмди. Кимдир уни туртиб юборди, у катта йўлга чиқиб қолганини сезиб кўзларини очди.
Катта Вик!
Палмер енгил тортиб, шошганича кўчани кесиб ўтди-да Лексингтон-авеню ёқалаб юрди. Катта Вик Калхэйн. Палмер кутубхона биноси ёнидан ўтиб кетишига сал қолди. Лекин дарҳол орқасига қайтиб, сокин, ғира-шира даҳлизга кирди. «Нимадан бошласам экан?». “Who’s who”1 дан эмас, албатта. Бунинг ўрнига у кутубхоначидан учувчилар учун даврий нашрлар маълумотномасини сўраб олди-да, «К» ҳарфи изоҳларини кўздан кечира бошлади. «Нью-Йорк таймс мэгэзин» январ сонида Виктор С. Калхэйн хақида мақола босилган эди. «Атлантик Манели»нинг май сонида «Катта Викка — катта пирог» деган очерк берилибди. Июн ойида «Ньюс-уик» ва «Нью-Йоркер» журналлари ҳам у ҳақда мақолалар ёритибди. Палмер соатига қаради: ўз идорасида хизматдошлари билан учрашувга атиги ярим соат қолибди.
Йигирма дақиқа ичида ўзига керакли ҳамма нарсани кўздан кечириб чиқди. Калхэйнга оид материаллар унча қониқтирмади. Отаси ирланд, онаси италиялик экан. Ота-онасининг истагига кўра Вик кашиш, яъни руҳоний бўлиши керак эди. Бунинг ўрнига у маҳаллий сиёсий арбобларнинг курашига аралашиб қолган эди. Уларнинг базаси эса шаҳарнинг шарқий қисмидаги Юз олтинчи кўчада жойлашганди. Кейин, турғунлик йилларида Калхэйн Маркантонио ташкилотига қарши кураш олиб боради, сиёсий ҳаракатларнинг ёлланма ташкилотчисига айланади ва Эд Флинн инқирози даврида шуҳрат чўққисига кўтарилади. Энди эса Палмернинг тенгқури Калхэйн, ҳамманинг тан олишича, Нью-Йорк сиёсий машинасининг каттагина қисмини ўз қўлига киритди. Палмер учун бу янгилик эмасди. Унинг диққатини жалб қилган нарса фақат шу бўлдики, Калхэйн Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги мартабасига оид барча мақолаларда ҳамиша Мак Бернснинг номи учрайди. «Таймс» уни «ижтимоий алоқалар ва реклама масалалари бўйича Калхэйннинг маслаҳатчиси деб атайди. «Атлантик» унинг номини икки бор эслатади: бир марта Калхэйн ва Кармин де Сапио ўртасида қизиб кетган шафқатсиз кураш муносабати билан, иккинчи марта Бернсни «даҳо» деб атаб, Катта Викнинг шуҳрат чўққисига кўтарилишида жонбозлик кўрсатганини таъкидлайди. «Ньюс-уик» Бернсни «Калхэйн тирноқларини ўткир қилган одам» сифатида тавсифлайди. «Нью-Йоркер» бўлса унга анчагина ўрин бағишлайди. Унда шундай дейилади:
«Калхэйн энг яқин сафдошларидан бири билан учрашувда шундай деди: «Мак Бернс! Бу менинг энг яқин дўстим, мен уни беҳад ҳурмат қиламан. Ҳар томонлама жуда ажойиб йигит-да, жин урсин!» Реклама ишлари бўйича доно маслаҳатчи Бернс унинг учун шахсий сиёсий «ақл трести» бўлиб хизмат қилаётган ва унинг маърузалари учун матн ёзиб бераётган қабилидаги уйдирмаларни Калхэйн қатъиян рад этди. Ўзининг бу раддиясини Викка хос бўлган хусусият — кескин қўл силташ билан ифодалаб: «Бернс сезгир қобилият соҳиби» деб таъкидлади. Кейин лирик чекинишга берилиб, қўшиб қўйди: «Бернс билан ишлаётган фирмалар биринчи даражали миялардан фойдаланиш имконига эга бўлмоқдалар». Бу ўринда Калхэйн вақт-вақти билан Бернс хизматидан баҳраманд бўлаётган бир қатор анча салмоқли молиявий муассасаларни назарда тутган эди. Бернс кўраётган тадбирларни маълум сабабларга кўра, унинг рақибларидан бири шундай тасвирланганди: «Агар сизга Калхэйн керак бўлса, аввало сизни Мэкки Нож қўллаб-қувватлашининг ғамини енг. Бу ҳали кафолат эмас, лекин Калхэйн сари қўйилган дастлабки қадамдир. Охир-оқибатда, агар сармоянгиз етадиган бўлса, ўз мақсадингизга эришувингиз мумкин. Бернс ўта банд одам, у билан фақат телефон орқалигина боғланса бўлади. Унга телефон қилиб зўр-базўр боғланган мижозлардан бирига Бернс кескин овозда унинг ватани — Байрут муаззинининг йиғлоқи товушида деди: «Бундай миқёсдаги жамоат арбоблари — деразангиз олдидаги дарахтда пишиб етилаётган олмалар эмас. Калхэйн социал масъулиятни ҳамда сиёсий реализмнинг қаттиқ панжасини ўзида аниқ ва тиниқ мужассамлаштирган шахсдир». Бернс лўнда қилиб жавоб берди: «Худо бизларга ҳаётда фақат озгина қимматли ришталарни ато этди, шулардан биттаси дўстликдир. Менинг фахр туйғулари билан тўлиб-тошганимнинг боиси шундаки, энг яқин дўстларимдан бири Виктор С. Калхэйндир».
Кутубхонадан чиқар экан, Палмер Катта Вик Калхэйн билан омонат банкларига қарши кураш ўртасида қандай алоқа бор экан, деб бош қотира бошлади. Кутубхонани тарк этгач, у ғарбга бурилди ва Бешинчи авенюни кесиб ўтувчи кўча бўйлаб юрди. У Калхэйннинг қудрати қандай экан, Нью-Йорк штати қонун органларига қанча овозни таъминлай олади, ниҳоят Мак Бернс Калхэйнни қўллаб-қувватлашга кафолат бера олармикан деб бош қотириб борарди. Ойна ва алюминийдан тикланган банк бошқармасининг улкан биносига рўбарў бўлгач, Палмер Нью-Йоркнинг, штат ва шаҳарнинг сиёсий ҳаётини жуда ёмон биларканман, деб тан олди ва ўзи қўйган саволларга жавоб беролмаслигини тушунди.
Куннинг айни шу пайтида банк омма учун ёпилган эди, шу боисдан у ён томондаги эшикни тақиллатиб, ичкаридаги қоровуллардан бирига қўл силтади. У пешонасини тириштириб қовоғини уйганча эшикка яқин келди, ҳайрон бўлиб Палмерга тикилди — шу заҳоти унинг юзини табассум қоплади.
— Мистер Палмер, шунақами, сэр?
Палмер тасдиқлаб бош ирғади, бирдан «гуп» этиб миясига урилди: унинг суратини худди қидирилаётган жиноятчига ўхшаб ЮБТК тизимидаги барча хизматчиларга тарқатишган бўлишса-чи?!
— Жаноб, сизга, албатта, калит беришлари керак, — уқтирди қоровул. Палмерни таниш лифтга кузатиб қўяр экан. — Калит ҳақида эслатиб қўйинг, сэр, — деди у хайрлашаётиб.
Мана шу «мистер» ва «сэр» деган эҳтиромларга тўла сўзларни қачон тўхтатиб бўларкин, деб ўйлаб бораётган Палмер шундай хулосага келди: у маҳаллий ахлоқ қоидаларини бузишга эришгунча ҳали кўп йиллар ўтса керак; ўша пайтга қадар бу нарсаларга шунчалик ўрганиб кетар, эҳтимол, бундан ўзи ҳам завқ оладиган бўлиб қолар. Лифтда ўта сезгир «ЮҚ» тугмасига ўгирилиб, Палмер чироқча ёнишини кутди. Кейин механик овоз лифт қаерда тўхташини хабар қилди. Палмерни бирдан ташвиш қамради. Унинг янги лавозими ва хушомадгўйлик, сиёсат, Бернсга ўхшаган одамлар, матбуот учун тайёрланган ҳалиги хабар воқеаси — буларнинг ҳаммаси маълум муддатда уни саросимага солди ва унинг бу ҳиссиётга ҳар қанча қаршилик кўрсатишига қарамай, у танлаган йўлнинг тўғрилигига шубҳа уйғотди.
Лифт эшиги очилди ва бир лаҳзага Палмернинг кўзи ойнаванд шифтдан тушган ёрқин қуёш нурларидан қамашди.
У Мисрнинг тожу тахт залларига элтувчи улуғвор йўлакларни эслатувчи узун ва кенг йўлак бўйлаб юрди. Фақат Миср худолари Ра ва Озирис тасвири ўрнига бу ерда молия худолари: жамғарма тимсоли — чумоли, қадр-қиммат тимсолида — пингвин, кейин барқарорлик рамзида фил-маъбуд, яна қандайдир йилига олти фоизли заёмни ифодаловчи сиймо илиб қўйилган бўлиши керак эди.
Баланд бўйли малласоч котибага яқинлашганда Палмер фикр-ўйларини йиғиштириб олди. Қиз унга салом бериш учун ўрнидан турди:
— Хайрли кун, мистер Палмер, — котиба беш ёки олтита калитдан иборат боғламни унга узатди. — Кечирасиз, эрталаб уларни сизга беришга улгурмадим, — қўшиб қўйди у.
Палмернинг миясидан икки фикр бир пайтнинг ўзида ялт этиб ўтди. — Қоровул калитлар ҳақида мунча тез телефон қилиб улгурди экан; кейин унга қоровулнинг «сэр» ва қизнинг «мистер» деб мурожаат қилиши уларнинг ижтимоий аҳволидаги фарқни тавсифлайди. Ҳар ҳолда, сарғиш қиз, шубҳасиз, анча ёқимтой экан.
Палмер бирдан шуни ҳис этдики, у қиз қўлида узатаётган калитларга эмас, балки рўмоли елкасидан сирғалиб тушиб, сал-пал беркитаётган бўлиқ кўкрагига қараб турарди. Унинг нигоҳидан ҳеч нарса яшира олмасди бу дўмбоқ... ни. Палмер қизнинг юзига қараб, қизариб кетаётганини кўрди.
— Менинг хонам қаердалигини кўрсатиб беролмайсизми, мен... — Лекин у фикрини тугата  олмади. Котиба қиз Бэркхардт хонасининг тиллойи эшигига қараб юрди. — Жаноб Бэркхардт қайтиб келдими? — сўради Палмер.
— Ҳали келганича йўқ, мистер Палмер, — деди қиз эшикни очаркан, сўнг қўшиб қўйди. — Мистер Бэркхардт ушбу хонани сизга беришимизни тайинладилар.
Бу хабардан ҳайрон бўлган Палмер қизнинг кетидан ўзига таниш улкан залга кириб борди. Бир неча сониядан сўнг у стол ортида ўтирар, қиз эса унинг ёнида туриб кўрсаткич бармоғининг чаққон ҳаракатлари билан текис силлиқланган стол устидаги калитларни сараларди. Палмер яна таниш атир исини ҳис этди: у Эдисга байрамда худди шунақасини ҳадя этганди.
— Мана бу калит асосий эшикники, мана буниси эса ён эшикни очади, — тушунтирди қиз. У қолган бешта калитга диққат билан қараркан, бир зумга ўйлаб қолди. Кейин уларни яхшироқ кўриш учун сал олдинга энгашди. Шунда унинг кўкраги Палмернинг елкасига тегиб кетди.
— Мана бу эҳтиёт қисм, — деди қиз. — унинг ёнидагиси... ҳалиги лифтники. Соат олтидан сўнг лифтни ёпишади. Мана бу калит сизнинг хонангизники. Мана энг каттаси — бош идораники бўлса керак. — У катта калитни қўлига олиб унга диққат билан қаради-да, ишонч билан деди: — Ҳа, шунақа.
Столдаги белги қўядиган қаламни олаётиб, қиз бу сафар кўкраги билан унинг елкасига анча сезиларли тарзда тегиб кетди. Кейин у калитлар узра жиддий энгашди-да, уларнинг ҳар бирини ҳафсала билан белгилаб чиқди.
— Сиз ўрганиб олганингиздан кейин бу белгиларни ўчириб ташлашингиз мумкин, — деди қиз. — «Беш» рақам билан белгиланган калитда Бешинчи авеню, биринчи қаватдаги эшик очилади. «Л» ҳарфли калит лифтники. «К» ҳарфлиги сизнинг хонангизники. «Б» эса банкнинг бош идорасиники.
Палмер билинмас ҳаракат билан қиздан ўзини тортди. У қарийб нафас олмасликка ҳаракат қиларди, атир ҳидидан ўзини тортарди. Бу қиз билан Эдис ўртасида атирдан бўлак ҳеч қанақа муштараклик йўқ эди. Эдис хушбичим, озғин аёл эди. У теннис ўйнар, умуман, ўзига қараб юрарди. Бу қиз эса анчагина тўладан келган, афтидан, у қадди-қомати тўғрисида сира ўйламайдиганга ўхшарди.
Палмер унинг столни айланиб ўтиб, ўз қаршисида турганини кузатди.
— Мисс Клэри сизнинг хоҳишингизга қараб киришга тайёр турибди, — деди қиз.
— Бироз кейинроқ, — жавоб қилди Палмер.
У кетаркан, орқасидан қараб қолган Палмер қиз танасининг енгил ҳаракати ўзини ҳаяжонга солаётганини англади. Бу Эдис атирининг иси туфайли эмасмикин, ўйлади Палмер. У хонага бир кўз югуртириб чиқиб, девордаги расмлар олиб ташланганини сезди. Ёзув столининг ортига иккита китоб жавони қўйилибди. Энди стол устида каттагина тилла кулдон, қаламлар учун қутича, интеркомнинг кичик микрофони, олтин билан сайқал берилган 12 тугмачали текис қопқоқ турарди.
Тугмачаларни кўздан кечираётиб кўрдики, улардан биттаси яшил чироқ бўлиб ёнди. Яхши биллур товушини эслатувчи овоз уни олти ҳарфли «котиба» сўзига жалб қилди. Палмер тугмачага қўл теккизди, чироқ ўчиб, микрофон тилга кирди:
— Мисс Клэри сизни кутаяпти, жаноб Палмер.
— Яхши, кейинроқ.
Микрофон яна жим қолди. Палмер шошмасдан хонасини кўздан кечира бошлади. Унда хусусий мулкчилик туйғуси уйғонаётган эди. Деворларни безаш учун бир нечта расм танлаш керак бўлади. Токчаларга фойдали китоблардан жойлаш лозим. Бу ерга бир-икки оромкурси ортиқчалик қилмайди. Бу хонани оғир мебел билан жиҳозлаш ўринсиз. Муҳими, хона кенг, майдон бўшроқ, ҳаво кўпроқ бўлгани маъқул
Шифтнинг баландлиги 20 фут осмонга кўтарилган залнинг олис қисмидаги яхлит шишадан ишланган ойнанинг катта ўлчамларига қараб туриб, Палмер яқинда Бэркхардт айтган иборани эслади. Бу шишанинг сифати Маунт Паломар расадхонаси ойнасидан эканлигини таъкидлаганди қария.
— Эҳ, кекса фирибгар, — ўйлади Палмер. Ўз хонасини бўшатиб бериш билан у, албатта, олдимга похол солмоқчи бўлган. Менинг тайинланишим ҳақидаги хабар масаласида ҳам ўзим билан келишмаган ҳолда кўзимни шамғалат қилмоқчи эди-да.
Ўзининг қаршисидаги бўш деворга қараб туриб, йўлакда илиғлиқ Брак расмларидан биттасини бу ёққа ўрнатсак айни муддао бўларди, дея хаёлидан ўтказди Палмер.


Саккизинчи боб

Безакчи-рассом ҳозиргина чиқиб кетди...  Палмер соатига қаради: соат олти бўлаяпти. Бугунга унда яна нима белгиланган экан?
У ўрнига ўтириб, столдан то катта деразагача бўлган масофани чамалаб чиқди. Шунда бирдан шу деразадан туриб бутун манзарани томоша қилмаганини эслади. Палмер ўрнидан оралиқ масофани одимлаб ўлчай бошлади: беш... олти... етти... саккиз... тўққиз. Вой-бўй, қанча экан? Тахминан қирқ футдан ошиқроқ? Ақл бовар қилмайди!
Палмер Бешинчи авеню бўйлаб шимолга нигоҳ ташлаганча, дераза олдида анча турди. Бу ердан бир неча маҳалла наридаги «Плаза» меҳмонхонаси ва унинг фавворалари тўғри кетган бир хил биноларнинг чизиғини бузгандай эди. Йўлакда қуёш тиғидан бошларини эгиб извошга қўшилган отлар турарди. Ундан нарироқда Сентрал-паркнинг ям-яшил дарахтзорга бурканган отхона, пони отчалари ва машинада юриш учун йўл кўзга ташланарди. Олтмишинчи кўчадан паркка шу йўл орқали кириларди. Ундан ҳам нарида қалин дарахтлар орасида кўл сатҳи милтираб турарди.
Палмер паркни ҳошиядек ўраб турган нотекис томлар қаторига кўз югуртирди. Қизиқ, шимолга қараб қанча чўзилган экан бу қатор? Томлар ортидаги ер бир оз баланд бўлиб, ботаётган қуёшнинг заррин нурларида кичкинагина, Гудзон устидан Нью-Жерсига ўтказилган худди ўйинчоқдек кўприк кўзга чалинарди. Нима деб аталарди бу кўприк?
Орқада яна интеркомнинг сигнали янгради. Палмер бурилиб шошганча стол ёнига келди-да, «котиба» деб ёзилган тугмачани босди.
— Ҳа? — деб сўради у микрофонга қараб.
— Мисс Клэри ҳалиям сизни кутиб ўтирибди, — жавоб берди котиба.
— Вой, худойим-эй! Тез киритиб юборинг.
— Мистер Палмер?
— Ҳа?
— Бугунга яна бирор топшириқ бўладими?
Палмер соатига қаради. Чорак кам олти.
— Йўқ, бугунга етарли. Сиз бўшсиз. Ташаккур. — Палмер микрофонни ўчириб, оромкурсига яхшироқ жойлашди-да, фикрини жамлашга уринди. У тушлик пайтида қўзиган ғазабини босиш унчалик осон эмаслигини тушунди. Айрим кишилар жаҳли чиққанини кун бўйигина эмас, балки йиллаб, ҳатто умр бўйи яшира оладилар. Бироқ уларни теннис кортидек келадиган хона, деразадан кўринадиган ажойиб манзара билан сотиб олишгани йўқ. Бу уни контейнерга жойлаб, муҳр босиб, сотиб юборишга арзийди.
— Мистер Палмер?
Остонада эшикнинг катталигидан кичкина бўлиб кўринган, хушқомат аёл кўринди.
— Кираверинг, мисс Клэри, — деди қўполлик билан юзига ҳам қарамасдан.
Аёл ичкари кирди, эшикни беркитмади ҳам. Бирор сўз айтмай унинг ёнига борди. Стол ёнида тўхтаб, Палмер кўрсатган оромкурсига ўтирди. Барибир, жуда кичкина экан, ўйлади Палмер. У индамасдан кузатди. Аёл ўтиргач, бир оёғини иккинчисининг устига олди. Тиззаларини бекитиш учун юбкасини тортишга муваффақиятсиз уриниб кўрди. Бироқ аёл нигоҳини оёқларидан олиб унга қаратганда, Палмер кўзини олиб қочиб, столдаги нарсаларга қарашга улгурди.
— Демак, сиз бизда реклама ва ахборот масалалари билан шуғулланувчи шахс экансиз-да, — деди у ниҳоят. — Ўзингиз тушунгандирсиз, мен «шахс» деб атаганим тасодиф эмас, — қўшиб қўйди у жилмайиб.
Хоним унга диққат билан қаради, шунда унинг қалин лабларини табассум эгаллади.
— Тасодиф эмас, — дея такрорлади хоним.
Палмер бир оз ҳайрон қолди. Унинг эркин вазиятни вужудга келтиришга биринчи уриниши амалга ошмади. Лекин хонимнинг оромкурсида жуда ғалати, қаддини нотабиий ростлаб, қўлларини тиззалари устида қисганича ўтирганини кўриб, уни кўнгилсизлик кутаётганини тушунди, бунинг устига шўрликни мактаб ўқувчиси сингари иш куни тугаганидан сўнг шунчалар узоқ кутишга мажбур қилишди.
Палмер унга тик қараган эди, кўзлар тўқнашди. Узоқдан унинг қора кўзлари янада катта кўриниб кетди. Мисс Клэри унинг нигоҳига бардош беролмай кўзини олиб қочди.
— Мен сизга шуни айтмоқчи эдимки, — деб бошлади-ю, Палмер тўхтаб қолди. Мисс Клэри унга қаради-ю, яна кўзини четга олди. Унинг тикилиб турганидан қўрқди, шекилли.
— Ҳалиги, сизни нима учун чақирганимни ҳозир тушунтириб бераман, — деди Палмер мулойимлик билан. У ўз сўзларига назокат тусини бермоқчи бўлиб. — Бу матбуот учун берилган хабарга тааллуқли, — деди у. — Шу боисдан бир дақиқага кириб ўтишингизни сўраган эдим.
— Матбуот учун қанақа хабар? — сўради мисс Клэри.
— Мени тайинлаш юзасидан...
— Ҳа, сиз бу ҳақдами? — у бош ирғади ва қора кокили сирғалиб пешонасига тушди.
— Мен, хусусан... — Палмер яна жим бўлиб қолди. Бу нима деган гап. Албата, мисс кўнгилсизликни кутган эди, лекин бу ерда довдираган тентакни учратаман деб хаёлига келтирмагандир...
— Мистер Бэркхардт якшанба куни уйимга сим қоқди, — дея бошлади мисс Клэри. — У менга матбуот учун хабар тайёрлашимни буюрди. — У Палмер нима дер экан деб бироз тўхтатмоқчи бўлди-ю, лекин тез ва паст овозда давом этди. — Мен ўша хабарни тайёрлаб, бугун эрталаб телефонда ўқиб бердим. У хабарни маъқуллади ва материал ўша заҳоти курьер билан газеталар таҳририятларига жўнатилди. Чунки дарҳол босиб чиқарилиши мўлжалланган эди.
— Бошқача айтганда, сиз бу хабар матбуотга жўнатилгунга қадар у ҳақда фақат сиз ва Бэркхардт биларди, демоқчисиз, шундайми?
— Ҳа, яна уни ротопринтда кўпайтирган Фредди биларди.
— Яна уни ротопринтда кўпайтирган Фредди? — тўсатдан сўради Палмер.
Иккови ҳам бирданига жим бўлиб қолди. Палмер тағин унинг ташқи кўринишини ўргана бошлади. Мисс Клэри афтидан, ўттиз беш ёшларда бўлса керак. Бошқа, анча осойишта шароитларда у шубҳасиз, янада истарали кўринган бўларди. Ҳозир бўлса у жуда танг аҳволда эди.
— Махфий ҳужжатларни унинг кўришга ҳуқуқи борми? — сўради Палмер.
— Ким, Фреддими? — мисс Клэри катта кўзлари билан унга тикилди.
— Менимча, матбуот учун тайёрланган бу хабар махфий эди, уни оддий хизматчи кўриши керак эмасди. Бундан сизнинг ҳамда Бэркхардтнинг хабари борлигидан хурсандман. Шунингдек, Фреддининг ҳам.
Яна оғир жимлик чўкди. Палмер шуни тушундики, унинг аччиқ кинояси, гарчи у енгил ва ҳазил шаклида бўлса ҳам, бу аёлнинг ранги оқариб, муздек қотиб қолган ҳолатидан эритиб ололмайди. У бу хоним ҳақида ҳеч нарса билмасди. Фақат шуни билардики, «Юнайтед бэнк» сингари бирорта улкан банк реклама ва ахборот бўлими раҳбарлиги лавозимига аёл кишини ҳеч қачон олмаганди. Афтидан, мисс Клэри нуфузли доиралар билан яқин алоқага эга, бунинг устига ўзи ажойиб ходим. Бироқ айни пайтда Палмер бундай далилларга эга эмасди.
— Бирор нарса десангиз-чи, ахир? — мурожаат қилди мисс Клэрига табассум билан.
Мисс бошини кўтариб унга қаради ва бирдан хира чеҳраси ёришиб кетди: лабларида мулойим жилмайиш пайдо бўлди.
— Бирор нарса? — такрорлади мисс Клэри.
— Ўжарлик қилманг, бирор нарса денг, ахир, — таъкидлади Палмер. — Бу унчалик қийин эмас-ку. Яна бирор нарса денг.
— Яна бирор нарса, — такрорлади мисс.
— Мана бу — бошқа гап. Энди мен билан такрорланг: Мен бошқа ҳеч қачон, олдиндан ўзининг розилигини олмасдан матбуот учун Вудс Палмер ҳақида хабар юбормайман.
— Мен бошқа ҳеч қачон, — такрорлади аёл, — олдиндан ўзининг розилигини олмасдан матбуот учун Вудс Палмер ҳақида хабар юбормайман, яхшими?
— Яхши. Саволлар борми?
— Битта савол бор, — деди мисс Клэри.
— Хўш, қани, сўранг-чи?
— Мени қайси кундан бўшатасиз?
Палмер қўлларини столга қўйди.
— Нима, сиз банкчиларни билмайсизми? — саволга савол билан жавоб берди. — Агар сценарийда назарда тутилмаган бўлса, биз ҳеч қачон зарба бермаймиз. Сиз ўйин қоидасига амал қилсангиз, фақат нафақага чиққанингиздан сўнг ишдан бўшатамиз. — Ўз сўзларини тасдиқлаш учун Палмер бош ирғаб қўйди. — Бу бизга нафақага тўлаш учун мўлжалланган пулни тўлаш имконини беради. Тушунарлими?
Бир оз муддат хоним унга синовчан назар билан қараб турди-да:
— Сумкамни қолдириб келибман, — деди, — мабодо, сизда сигарета йўқми?
— Қаердадир бор эди. — У чўнтакларини титди, сўнг стол устида турган қутичани очди ва икки дона сигарета олди. — Менинг маркам, — деди у кутилмаганда тушкун овозда. Нимадандир кўнгли ғашга ўхшарди. — Нью-Йоркда мен ҳақимда ҳамма билади. Ҳатто мен чекаётган сигарета маркасини ҳам. Менинг ҳаётим ҳамма учун очиқ китобдай. — Палмер чақмоқни ёқиб, унинг сигаретасини ўт олдирди-да, сўзида давом этди:
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, ЮБТКнинг разведка тизими яхши ишлайдими?
— Жуда яхши, — жавоб берди хоним.
— Мен амалий хабарларни назарда тутаяпман, — аниқлик киритди Палмер.
Хоним унинг сигарета чекишига қараб турди.
— Сизнинг нимани назарда тутаётганингизни тушунаман, — деди у кўзини Палмернинг ёзув столига қаратиб. — Сизнинг разведка соҳасида янги одам эмаслигингиз менга яхши маълум.
— Ҳа, ўн беш йил бурун бу ишга алоқам бўлган, — деб жавоб берди Палмер ва бирдан тўхтаб қолди. — Ҳужжатларимда саналар аниқ кўрсатилган.
Хоним тасдиқлагандай бош ирғади ва сўради:
— Кўришни хоҳлайсизми?
Палмер орқасига суянди, бир оз енгил тортгандай бўлди.
— Бошқа вақт кўрарман, — деди у. — Қандайдир ёмғирли оқшомларда, қиладиган бошқа иш қолмагач.
— Энг дастлабки ёзув 1945 йилга тааллуқли, — хабар қилди мисс Клэри.
— Афтидан, сиз бу ҳужжатга яқинда кўз ташлаганга ўхшайсиз, — деди Палмер.
— Бугунги тонгни мен шундан бошладим.
— Айтинг-чи, ким олдин телефон қилди? Сизми ёки Мак Бернсми?
Хоним енгил жилмайди. Палмер у жилмайганда оғзи чиройли бўлиб кетишини сезди.
— Менинг ЮБТКда ишлаётганимга бир йилдан сал ошди, ахир. Мени шу даражада ишдан чиқаришларига бу етарли бўлмаса керак. У менга сим қоқди.
— Сиз унинг саволларига жавоб бердингизми?
— Албатта, — деди хоним ва сигарета кулини тиллойи кулдонга қоқди. — Ахир у бизларга ишлаяпти.
— Бироқ бу ҳаммага ҳам маълум эмас.
— Кимга-кимга-ю, лекин буни мен билишим керак, шундай эмасми? Мен билмасам, қандай маъниси бор...
— Айтинг-чи, — унинг гапини бўлди Палмер, янада кўпроқ билиш мақсадида. — Сиз ЮБТКга ишга киргунга қадар бирор газетада ишлаганмидингиз?
— Ҳа, «Стар»да ишлаганман.
— Молиявий масалалар билан шуғулланганмисиз?
— Аниқроғи банк ишлари билан.
— Унгача нима иш қилардингиз?
— «Таймс»да ишлардим, ахборот бўлимида.
Палмер чимирилди.
— Одатда, кишилар хизмат поғонаси бўйлаб тескари тартибда, қандай айтсам экан, юқорилаш тартибида кўтариладилар. Сиз бўлсангиз. «Таймс»дан «Стар»га ўтибсиз.
— Ҳаммада ҳам шундай бўлавермайди, — қайд қилди хоним эҳтиёткорона. — «Стар»да мен кўпроқ пул олардим. — У бир оз жим қолди, сўнг чуқурроқ нафас олишга уринаётгандай сўради: — Менинг ишим ҳақида тавсиялар ва фикр-мулоҳазаларни кўриб қўйишни истамайсизми?
Яна жимлик чўкди. Гўё Палмернинг улкан хонасида бепоён бўшлиқ мана шу нотабиий сукунат билан тўлиб кетгандай эди. Ниҳоят Палмер жилмайди ва жимликни бузди.
— Мен яна керак бўлмаган гапни айтдим, тўғрими?
Бу сафар хоним унинг табассумига жавоб қайтармади.
— Йўқ, сизда ҳаммаси яхши бўлаяпти, — деди мисс Клэри, — Ҳолбуки, сиз ҳеч қачон журналист бўлмагансиз. Лекин саволни қандай беришни жуда яхши биласиз. Баъзилар бунга эришиш учун йиллар сарфлайдилар.
— Бу менда уруш давридан қолган одат, — тушунтирди у қуруқ қилиб ва қўшиб қўйди. — Баёнот беришга рухсат этасизми?
Мисс Клэри «марҳамат» дегандай қўлларини кенг ёйди. Палмер унинг бармоғида узук йўқлигини, бармоқлари ингичка ва узунлигини пайқашга улгурди.
— Бу ерда сиз хўжайинсиз, — жавоб қилди хоним.
— Маълум маънода мен афсусдаман, — деди Палмер, — чунки мен билишим керак бўлган нарсани сўраб ўтирибман. Лекин сизга мурожаат қиларканман, мен мантиққа амал қилдим, холос. Буларнинг ҳаммаси ҳеч қандай шахсий хусусият маъносида эмас. — У хонимга савол аломати билан қаради.
— Ҳа, — деди мисс Клэри.
— Мен олдин ҳам банкда ишлаётган аёлни учратгандим, — дея секин гап бошлади у, агар керак бўлса, аёлга айтадиган гапига тузатиш киритишни ҳам ўйлаб. Энди мен шунга амин бўлдимки, банкка ишга қабул қилинишлари учун аёллар, худди шундай лавозимни эгаллаб турган эркак ҳамкасбларига нисбатан анча юқори малакага эга бўлишлари даркор. Лекин, барибир, ўзингиз билганингиздай, аёллар шу лавозимга тегишли миқдорда маош олмайдилар.
— Ҳа, буни биламан, — тасдиқлади мисс Клэри.
— Лекин мен ҳали ҳеч қачон банкда реклама ва ахборот масалалари билан шуғулланаётган аёлларни учратмагандим. Бу масалаларни биз ўйлагандан кўра яхшироқ ҳал қилоласиз, деб ўйлайман. — У нафасини ростлаб олди-да, —  Сизга айтмоқчи бўлган гапларим мана шу, — деди.
Мисс Клэри ўрнидан турди, сонларида букланиб қолган тор қора юбкасини тўғрилади. Палмер биринчи марта эътибор берди: бўйи паст бўлишига қарамай, жуда хушқомат экан. Бу унда қувончли иштиёқ уйғотди. Замонавий аёлларга ўхшамаган кичкинагина аёлни кўриш қандай ёқимли.
— Сиз билан баробар иш вақти белгиласам бўладими? — сўради хоним.
— Бемалол.
— Жуда афсусдаман, — деди хоним Палмернинг кўзига тик қараб. — Буни қандай қилиб яхшироқ тушунтирсам экан. Ҳалиги, ўша матбуот учун хабарни олдиндан сиз билан келишиб олиш имконига эга эмасдим. Умид қиламанки, сизнинг келишингиз билан иш услубимиз анча ўзгаради. Лекин мен яхши тушунаман, бунинг учун вақт керак ва бу эртагаёқ рўй бермайди. Афтидан, мен етарли тарзда ошкора айтдим, шундайми?
— Ҳа, тушуниб турибман.
— Мак Бернсга келганда эса, шуни айтишим мумкинки, мен уни кўпдан бери биламан. Биз у билан ҳамиша тил топишиб кетамиз, чунки журналистлар билан тил топишиш унинг вазифасидир. Бошқа қўшадиган ҳеч гап йўқ.
— Розиман.
— Бор гап шу, — деди мисс Клэри сўзининг охирида.
— Жуда яхши айтдингиз, — деди Палмер. — Бир ёки икки кундан кейин мен кетаман. Аммо байрамдан сўнг мен қайтиб келгач, кўпгина ишлар ҳақида мени яхшилаб хабардор қилишингизга тўғри келади.
— Жуда соз.
— Раҳмат сизга, — деди Палмер.
Мисс Клэри эшикка қараб бурилди. Қандайдир сонияларда унинг лаблари сал очилди ва яна ёпилди. Гўё у нимадир демоқчи бўлди-ю, воз кечди. Палмерга қараб жилмайди-да:
— Арзимайди, — деб эшикка қараб юрди.


Тўққизинчи боб

Бу йил Меҳнат куни иккинчи сентябрга тўғри келади ва Жерри доноларча қайд қилганидек, уйдаги югур-югурни яна авж олдиради.
Миссис Кейж шаҳардаги уйда мавжуд буюмларни йиғиштириб тахлашга бош-қош бўлиш учун Эванстонда қолди. Висконсиндаги шаҳар ташқарисидаги уйни Эдиснинг ўзи тартибга келтирди ва қулфлаб қўйди. Ҳозирча бу уйни ҳеч бўлмаганда бир йил мобайнида сотиш ниятида бўлмаганликлари учун бу ерда ҳеч қандай муаммо туғилмади. Тўғри, бир йилдан сўнг шу масала яна кўтарилади, лекин ҳозир Палмер бу ишни бир оз орқага сурганидан хурсанд эди. Эдис иккаласи шаҳар атрофидан ўзларига мақбул уй қидириб, икки дам олиш кунини сарфлаган бўлишларига қарамай, Бешинчи авенюдан унча узоқ бўлмаган Етмишинчи кўчадаги қўнғир қумтошдан тикланган данғиллама уйни олишга қарор қилишди. Бундай уйнинг нархи юз минг доллардан ошиқ турарди, лекин Палмернинг уни ярим баҳосига сотиб олиш имкони бор эди.
Данғиллама уйни кўздан кечириш пайтида унинг бу қадар арзон тушиши ўз маъносини йўқотди, чунки уни таъмирлаш ва қайта қуриш учун сотиб олиш нархичалик пул кетиши Палмерга маълум бўлиб қолди. Бироқ у, барибир, шу уйни сотиб олишга қарор қилди ва оиласи билан ўша данғиллама уй яқинидаги мўъжазгина бир меҳмонхонага кўчиб ўтди. Эдис шу ердан қайта қуришнинг боришини кузата оларди. Палмер болаларни Бентли мактабига жойлади. Бундан у ўзини чинакам бахтли ҳисобларди. Зеро, шундай жиддий масала қийинчиликларсиз ҳал бўлган эди.
— Ҳар ҳолда, бу борада анча омадимиз келди, — деди у Эдисга, бир куни эрталаб болалар мактабга кетишгач. — Қолган ҳамма нарса фақат ташвиш ва кўнгилсизликлар келтирмоқда.
Эдиснинг рангсиз тус олган кичик-кичик кўзлари, зўрға сезилаётган киприклари билан у алланарсалар ёзаётган ёндафтардан аста кўтарилди. Унинг нигоҳи бир муддат ёндафтар билан у қўлида ушлаб турган қаҳвали финжон ўртасида дайдиб юрди-да, кейин Палмернинг юзида тўхтади. Палмер стол ортида, унинг қаршисида ўтирганди.
— Мен улардан қаҳвани бунчалик аччиқ дамламасликларини сўрагандим, — деди Эдис кутилмаганда. — Тўғри, биз иккаламиз ҳам қаймоқсиз қора қаҳвани яхши кўрамиз, лекин мана бу қуюқ сиёҳга ўхшайди! — Кейин ҳеч қандай мантиқсиз бир тарзда сўради:
— Қанақа кўнгилсизликлар тўғрисида гапирдинг, азизим?
— Катта кўнгилсизликлар ҳақида, албатта. Ҳаддан ташқари аччиқ қаҳва ва шу кабилар ҳақида.
Хоним унча қаттиқ бўлмаса ҳам, лекин эшитса бўладиган тарзда финжонни ликопчага урди.
— Хўш, мен яна қанақа гуноҳ қилдим? — сўради Эдис.
— Қанақа гуноҳ қилдим? — деди Палмер атайлаб бефарқ оҳангда. — Ҳеч қанақа.
— Эрталабдан жаҳлинг чиқишига бирор сабаб бўлгандир-ку, ахир.
Нима учун эрталабдан кўз-қошини бўяш учун вақт ажратишмайди. У уйдан чиқиб кетиши билан киприкларини, қовоғини бўяшга тушади. Шундан кейингина кўзлари анча жозибадор бўлиб кўринади. Агар Эдис буни уларнинг уйини таъмирлаётган усталар ва ишчилар деб, меҳмонхона дарбони ва хизматчилари, кундузлари учратаётган кишилари учун қилаётган бўлса, камдан-кам кўраётган эри учун нега қилмайди буни?
— Пешанамга бирор нарса тегмабдими, нега унга бунча қараб қолдинг, азизим? — сўради Эдис.
— Йўқ. Кечирасан, хаёл олиб қочибди, — жавоб берди эри ва шошиб қаҳвасини охиригача ичди. — Уйдаги дурадгорлик ишларининг кетиши яхшими?
— Тахта етказиб бериш икки ҳафтага кечикяпти, дейишмоқда. Олд девор панжараси учун ҳали рухсат олингани йўқ. Бу борада қурилиш қонунларида қандайдир ноаниқликлар бор, — жавоб берди Эдис.
— Меъмор нима деяпти?
— Унинг таъкидлашича, Детройт ва Кливлендда буни қилишга изн бор эмиш.
— Ҳа, буниси анча енгил, — деди Палмер стол ортидан тураркан. — Мен яна Фистга, «Эмпайр плейвуд»га телефон қиламан. Улар банк амалиётларини биз орқали амалга оширадилар. Мак Бернс ўзининг кенг тармоқли алоқалари билан бу ишда, эҳтимол, фойда бериб қолар.
Эдис ўзининг финжонига қора қаҳвадан яна бироз қуйиб олди-да, майда қултумлар билан ича бошлади.
— Қизиқ, дунёда Мак Бернс уддалай олмайдиган бирор иш бормикин?
Палмер кетаётганди, лекин тўхтади ва Эдисга ўгирилди. Эдиснинг орқасидаги деразадан  тушиб турган эрталабки қуёш нури боши атрофида ингичка тилларанг сочларидан чамбар ҳосил қилганди.
— Мен учун, азизам, у ҳамма нарсани қилади. Лекин ҳамма масала шундаки, жин урсин, шу пайтгача у ЮБТК учун нима қилиб берди?
— Ҳар ҳолда болаларимизни Бентли мактабига олишларига эришди. Ахир, бу мактабга қабул қилиш тўхтатилган эди, — эътироз билдирди Эдис.
— Бу Бернс учун жуда оддий иш. Афсуски, ЮБТК уни илтифот юзасидангина ушлаб тургани йўқ.
— Бироқ ушбу илтифотларнинг қадрига етмаслик ҳам инсофдан эмас, — деди Эдис. — Биринчи вице-президентнинг болалари яхши маълумот олишларидан банк ҳам манфаатдор, ахир.
— Ҳа, лекин бунақа илтифотлар банкка анча қимматга тушиб кетмаяптими? Билишимча, у йилига қарийб эллик минг доллар олади, — тўнғиллади Палмер.
— Унга тўлаётган бор-йўқ маошларинг шуми?
— Ҳа. Тағин унга вакиллик харакатлари ҳам тўланади.
— Аммо, азизим, бу жуда кам-ку. Ахир у топиб берган пудратчи бир ойда бутун ишни бажариб қўйди...
Палмер соатига қаради: саккиз ярим. У дераза олдига бориб, кўчага қаради. Банкнинг олтмишта машинасидан биттаси — махсус буюртма билан тайёрлангани — меҳмонхона олдидаги йўлакда, автомобилларнинг сафида иккинчи бўлиб ўз йўловчисини кутиб турарди.
— Эдис, — деди Палмер чиқиб кетаётиб, — баъзан сенда ҳам юмор ҳисси пайдо бўлиб туришини истардим.
— Менинг юмор ҳиссиётим жуда яхши! — бақириб қолди Эдис унинг орқасидан.
— Бундай нарсаларни гапираётганда сал-пал жилмайсанг бўлмайдими?
— Мен баъзан жилмайиб қўяман, — деди Эдис, қўлида қаҳваси ичиб тугатилмаган финжон билан унинг орқасидан эргашиб.
Бўш қўли билан Эдис эрининг бўйинбоғини тўғрилаб қўйди. Машинага ўтиргач, ўзим қайтадан тўғрилаб қўяман, ўйлади Палмер. Чикагода бунга бепарво қараларди, лекин бу ерда, Нью-Йоркда бундай пала-партишликка йўл қўйиб бўлмайди.
Палмер хотинининг ёноғидан қаттиқ ўпаркан, сўради: — Бугун кечқурунги режаларимиз қандай?
— Кечқурун Осборн пьесасини кўргани борамиз.
— Кечки овқатга меҳмонга борамизми?
— Ҳа, ҳозир шунақаси маъқул, — пинагини бузмай жавоб берди Эдис.
— Мен ушланиб қоламан, болаларга «хайрли тун»ни ҳам телефонда айтсам керак.
— Қўрқаманки, айнан шундай бўлади, азизим, — деди Эдис. — Яхши боринг.
— Ҳозирча...
Лифтда пастга тушаркан, Палмер кўз олдига келтирди: Эдис ойна олдида ўтириб киприкларини, айниқса қовоғи устини астойдил бўямоқда. У балки Эдисга нисбатан адолатсизлик қилаётгандир. Лекин, барибир, у ҳақ. Ниҳоят, шундай хулосага келган Палмер, машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Дарбон машина эшигини чаққонлик билан ёпди.
— Хайрли тонг, сэр, — деди шофёр.
— Хайрли тонг, Жимми.
Булутлардан тозаланган осмонда октябр қуёши тоза нур сочарди. Тонг чиндан ҳам ажойиб, хайрли кўриниб кетди Палмернинг кўзига. Бу тонг унга илҳом бахш этгандай бўлди.
Бизнинг кайфиятимиз, дея ишонтирмоқчи бўлди у ўзини, оддий ёвузликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бундай кайфият ундан қутулишимиз учунгина керак. Акс ҳолда жиддий ишлар билан шуғулланиш мутлақо мумкин бўлмай қолади. Кайфиятга бўйсуниш унинг учун ҳамиша ўзгармас ҳақиқат бўлиб келган. Бу ҳодиса моддиюнлик тоифасидан эмас, шунинг учун ҳам у иррационалдир. Ҳаёт эса ўз моҳиятига кўра ҳамиша умидсиз моддийдир ва агар унинг рационал мағизи доимо аниқ вужудга келмаса-да, ҳеч бўлмаганда у мантиқ қонунларига бўйсунади.
Унинг отасининг энг қатъий эътиқодларидан бири ҳам айнан шунга асосланарди. Энди бу нарса унинг ҳам эътиқодига айланди ва чуқур илдиз отган тамойиллар, масалан, республикачилар фирқаси номзодларига овоз бериш, асосий сармояга тегинмаслик, оқ кўйлак кийиб юриш ва ҳоказоларда ўз ифодасини топади. Ушбу тамойилларнинг ҳаммаси, деб ўйларди у машина Бешинчи авенюга бурилаётган пайтда, қатъий рационал мағизга эгадир. У шофёр ойнасидан ўзига яхшилаб қараб олиш учун ўриндиқдан сал силжиб ўтирди. Кўйлак ёқасининг оппоқлигига гап йўқ. Эдиснинг қўли билан сал четга сурилган бўйинбоғини тўғрилаб қўйди. Сўнг ўриндиқ суянчиғига ястанганича машина ойнасига назар солди. Кейин ўриндиқдан «Таймс» газетасининг бугунги сонини олиб сарлавҳаларига кўз югуртириб чиқди-да, уни яна ўз жойига қўйди. Буларнинг ҳаммаси жонга тегди, ўйлади у. Мак Бернс билан биргаликда бажариладиган ишдан тортиб, болалари ёнида бўлолмаслигигача унга алам қиларди. Ниҳоят, Эдиснинг ўзи, аниқроғи, ўрталарида вужудга келган муносабатлар, қўйинг-чи, бари бош оғриғи.
Ҳаммаси ўз маъносини йўқотди, дерди у ўзига-ўзи, ички алоқалардан маҳрум бўлди, ҳаммасидан ёмони, жуда тезлик билан чидаб бўлмас мутаассибликка айланиб бораётибди. Лекин бу жараён чиндан ҳам эндигина бошландими? Эҳтимол у ҳозир ҳис этган нарса йиллар давомида Чикагода яшаган пайтдаёқ ва энди Нью-Йоркка кўчиб ўтиши мобайнида тўплангандир. Янги турмуш тарзи ва ўрганган даврасидан ажралиши унинг ҳаётида аслида нималар юз бераётганини кўриш учун кўзларини каттароқ очгандир?
Нью-Йорккача бўлган даврда ҳаммаси жуда оддий эди. Уйдаги вазият, эрталаблари Эванстоундан Чикагога қатнаш, оилалик ҳаётининг ўн саккиз йили мобайнида ишга бориб келиш... Уйланишидан олдин ҳам Палмер шу йўлдан қатнарди. Уруш пайти армияда хизмат қилган йиллари бундан мустасно, албатта...
Палмер энтикиб нафас олди-да, яна газетага қаради. Сўнг уни қўлига олиб, сарлавҳаларига кўз югуртирди. Уларни биринчи бор кўраётгандек диққат билан ўқиди. Афтидан, Яқин Шарқдаги танглик хавфли босқичидан ўтиб ўз ечимига яқинлашганга ўхшайди.
Шу муносабат билан биржада югур-югур, акцияларни сотиш бошланса керак, деб ўйлади Палмер. Куннинг иккинчи ярмида эса уларнинг нархи туша бошлайди. Кейин яна акцияларни сотиб олиш талвасаси давом этади. Бугун ЮБТКда қимматли қоғозлар билан шуғулланувчи Клифф Мергендалнинг куни оғир кечади.
Машина «Плаза» меҳмонхонаси олдида тўхтади. Кўча ҳаракатида тиқин ҳосил бўлиб, машиналар юролмай қолганди. Палмер газетани ўриндиққа улоқтирди. Шофёр унинг безовталигини кўриб турарди.
— Сэр, сизга бирор нарса керакми? — деб сўрарди.
Палмер ташвишланиб:
— Нима бўлди? — деб сўради.
— Сиз нимадир дедингизми, сэр?
— Ростданми? — ҳайрон бўлди Палмер. Наҳотки ҳаётимни овоз чиқариб лаънатлаган бўлсам? — ўйлади у. Нима, мен ҳаётимни лаънатлаган бўлишим мумкинми? Балки ўз-ўзимнидир? Лекин фақат ўзимнимикин?
Тиқин бўшашди, чунки бурчакда турган полициячи кўндаланг кўчалардан келувчи машиналарни ўтказиб юборди-да, Бешинчи авеню бўйлаб ҳаракатга йўл очиб берди. Палмер кетаётган «Кадиллак» қуён сакрашига ўхшаб ўрнидан отилиб юриб кетди. Бу ҳаракат Палмерни ўриндиқ орқасига қапиштириб ташлади.
— Кечирасиз, сэр.
— Ташвиш қилма, Жимми. Ҳайда тезроқ.
Шофёр мулойим кулди. Палмер уялиб кетди. У кайфиятига берилиб кетганидан ўзини ноқулай сезиб, буклаб ташланган газетани қайта қўлига олди.
Машина шитоб билан банкка яқинлашиб бораётган пайтда Палмер ўзича тасаввур қилди: Кун тушликка яқинлашган сайин қуёш нури тик тушиб, банкнинг юқори қаватидаги ойнаванд хонани қиздириб юборгандир. Ҳатто шифтга осилган улкан пардалар ҳам қуёшнинг ўткир нурларини тўсиб қололмаса керак.
Эҳ, агар ушбу ташвишлар фақат оддий бош оғриғидан иборат бўлганда эди, ўйлади Палмер, унда бу тонгдан нафратланиш учун менда қонуний ва тушунарли сабабларим бўлиши мумкин эди. Ва икки дона аспирин хапдориси ҳамма нарсани жой-жойига  туширган бўлур эди.
Лекин ҳозир унга чинакам азоб бераётган касалликка қарши дорини қаердан олиш мумкин? У ана шу мавҳум жумбоқ билан банкнинг марказий дарвозасига етиб келди. Машинадан чиқаркан, шофёрга миннатдорлик билдириб, ўз калити билан банкка олиб кирувчи ён эшикни очди.


Ўнинчи боб

Палмер йўл-йўлакай бош ирғаб котиба билан саломлашиб, ўз хонасига кириб, ёзув столи томон юрганида соат беш дақиқаси кам тўққиз эди. Стол ёнида бир оз тургач, сигнал тугмачаларига кўз югуртирди. Саф тортиб турган тугмачалардаги белгилар фақат ундош ҳарфлардан иборат эди. «Бркхрдт» деган ёзувли тугмача деярли ҳеч қачон қария билан боғланиш имконини бермасди. Лекин Палмер шуни яхши билардики, барча интерком чироқли сигналларнинг деярли ярми Бэркхардт тугмачалари билан боғлиқ эди. «Мрчндл» ёзуви ЮБТК вице-президанти ва масъул котиби Клифф Мерчендал исмини билдирарди. У биринчи галда қимматли қоғозлар масаласи билан шуғулланар, бундан ташқари энг пулдор мижозлар ишини олиб борарди. Шу билан бирга у яна қимматли қоғозлар ҳамда ишончномалар бўйича бошқариладиган мол-мулк бўлими фаолиятига раҳбарлик қиларди. «Скртр» тугмаси эса ўз соҳибига эга эмасди, чунки Палмер котиба вазифасини бажарадиган бирор қизни танлашга сира вақт ажрата олмасди. Ўнг томондаги тугмачаларда бўлса бошқа икки биринчи вице-президентлар: Гарри Элдер ва Фиппс Карс (айни пайтда ғазначи ҳам) исмлари ёзилганди.
Палмер ёзув столи тагидаги яширин тугмачани босди. Ўша заҳоти унинг орқасидаги девор илондек вишиллаб очилди. Ичкарида жавон кўринди. Палмер унга пальто ва шляпасини илди ва деворни яна бекитди.
Девор жавонида сирли бўлинма мўжазгина бар шаклида ясалганди. Унда иккита шиша, бештача қадаҳ ва муз солинган челакча бор эди. Махфий равишда телефонга улаш учун мўлжалланган кичкинагина магнитофон ҳам ўша ерда сақланарди. Бундан икки йил аввал, жамғарма банклари билан олишув пайтида уни чиндан ҳам улашмоқчи эди. Гарри Элдернинг таъкидлашича, юқори қаватда ва барча филиалларда махфийлик тартиби ўрнатилганди. Иш куни якунида Бэркхардт ўз котибаларини саватчалардаги барча қоғозларни йиғиштириб ёқиб юборишга мажбур этарди. Ўша олишувда Бэркхардт ғолиб чиқди ва кейин телефонлар махфий микрофонларга уланмай қолди. Афтидан, ўйлаган ишидан воз кечди, шекилли.
Дарвоқе, бу ишни бу йил қилса ҳам бўлади, ўйлади Палмер. У ўз ўрнига ўтирди ва эрталабки почтани кўришдан олдин, хонасига кўз югуртирди. Стол қаршисидаги деворда йўлакдан олиб келинган Барк ишлаган расм илиб қўйилганди.
Хонанинг олис деворидаги улкан деразаси ёнида энди қора ҳайкал турарди. У бундан етти йил олдин қуйилган бўлиб, уларнинг Чикагодаги ҳаёти даврига тааллуқли эди, ўшанда Эдис учала боласини ҳайкалда акс эттириш ғояси билан чиққанди. Ҳайкал ишланган пайтда катта ўғиллари етти, кенжаси икки, Жерри эса ҳали тўрт ёшга ҳам тўлмаганди.
Ўша пайтда Эдис болаларининг ёшлигини эътиборга олиб, уларни яланғоч тасвирлашга эътироз билдирмаганди. Палмер ҳайкалтарошни ҳозир эслади, ўша хонимни Ханна Керд деб аташарди. Унинг ҳайкалларида Ханна нимани тасвирламоқчи эканини тушуниш мумкин эди. У кекса аёлми, бойўғлими ё қўзичоқми, хуллас, нима бўлмасин, силлиқланмаган тошдан ясарди.
Мана энди, орадан етти йил ўтганидан сўнг, бу ҳайкал Палмерга ёқа бошлади. Ханна Керд ўз ишини тугаллаганда, Эдис шодлигининг чеки йўқ эди. Бироқ орадан бир йил ўтгач, ҳайкални чордоққа чиқариб ташлашди. Уни қандайдир кўргазмага вақтинчалик бериб туриш учун баъзи-баъзида чордоқдан олиб туришарди. Ўғилларнинг тўнғичи Вуди, катта бўлгани сари ҳайкалдан камчиликлар топарди, лекин кенжатой Томмига у жуда ёқиб қолганди. Гарчи бу асар «Уч фарзанд» деган номга эга бўлса-да, Жерри уни «Денгиз типратиконлари базми» деб атаганди.
Ҳозир ҳайкалга қараб туриб, Палмер унда тасвирланган болаларнинг қиёфаларида рақс аломати борлигини сезди. Бундан тўрт йил муқаддам Чикагодаги тасвирий санъат институти Керднинг ҳайкалини олийгоҳга ҳадя қилиш кераклигига ишонтириш учун кўп уринди. Бултур Нью-Йоркдаги галереялардан бири шу ҳайкал учун Палмерга ўн минг доллар таклиф қилди. Бу ҳайкални ясатиш учун кетган пулдан икки баробар ошиқ эди. Бироқ Ханна Керднинг огоҳлантиришича, Палмер тушундики, ҳозир бу буюмнинг нархи анча баланд туради. Ҳайкал Европадаги тасвирий санъат кўргазмасида ҳам намойиш этилди. Итальян ва француз танқидчилари бу асар устидан гоҳ кулишар, гоҳ кўкларга кўтариб мақташарди. Ушбу ҳайкал теварагида матбуотда кўтарилган шов-шув унинг нархини ўн беш минг долларгача кўтариб юборди.
Палмер болаларининг ҳайкал портретини ўзининг хизмат хонасига қўймоқчи эканини Эдисга айтган пайтида улар ўртасида жанжал чиқди. Уларнинг биргаликдаги ҳаётларида, айниқса сўнгги йилларда бундай жанжаллар тез-тез бўлиб турарди. Улар гарчи атайлаб чиқарилмаса ҳам, барибир, мантиқий асоссиз келиб чиқаверарди. Эдис, «баҳслашувлар» деб атаган бундай можаролар бир неча ҳафта давом этди. Ниҳоят Палмер Эдисдан яширин суратда ҳайкални Сан-Францискодан ( у ёққа кўргазма учун вақтинча олиб кетилганди ) олиб келиб Нью-Йоркдаги ўз хонасига ўрнатди.
Буни ҳамма — Бэркхардт, Ханна Кердт, Замонавий саънат музейи, айниқса Мак Бернс маъқуллади. Бу борада Мак Бернс очерк ёзиб «Таймс»да эълон қилди. Ҳайкалнинг расмини «Лук» журналида бостирди. Бундан Эдисдан бўлак ҳамма мамнун эди. Палмер ўзи билан Эдис орасига совуқлик тушишига шу нарса сабаб бўлди деб айта олмайди. Охир-оқибат сўнгги пайтларда улар яшаётган вазиятни янада чигаллаштириш мумкин эмасди.
Шу ҳақда ўйлар экан, Палмер эрталабки почта жилдини олиб, ундаги хатларни кўздан кечира бошлади. Лекин машинада эрталабки сайри пайтидаги кўнгилсизликларни эслаб, кайфияти бузилди.
Ҳайкалга қараб, у ҳақда ўйлаш унга ҳамиша қандайдир қувонч бахш этарди. Энг аввало у Палмерга болаларни эслатарди. Бундан ташқари, ҳайкалга қараб руҳий мадад оларди. Палмер болаларининг ҳайкал тасвирига қараган чоғида ундаги барча кўнгилсизликлар тарқаб кетарди. Ҳозир у айнан шуни ҳис қилаётганди.
У столидаги хатлар уюми устидан биттасини олиб, ўқиб кўрди. Хатда Лонг-Айленддаги ишбилармонлардан бир гуруҳи ундан ўзлари ҳузурига бориб, жамғарма ва тижорат банклари ўртасида авж олиб кетган кураш ҳақида гапириб беришни сўрашган экан. Кейинги хатда Палмер Колумбия университети бинолари бирининг пойдеворини қўйиш маросимида қатнашишга таклиф қилишганди. Учинчи хатга газеталар репортёрлари учун ҳар йили уюштириладиган зиёфатга иккита чипта тиркаб қўйилган экан. Чипталарда «жой президиумда» деган ёзув бор эди, демак унга сўз берилиши мумкин.
Столдаги хатлар уюмига қараб, бу Палмер шахси теварагида Нью-Йорк оммаси учун тегишли реклама шов-шуви вужудга келтириш ниятида Мак Бернс саъй-ҳаракатининг меваси эканини тушуниш қийин эмасди.
Интеркомнинг қўнғироғи жиринглади. Палмер тугмачаларга қараб, Бэркхардт чақираётганини тушунди-да, гўшакни кўтарди.
— Хайрли тонг, Лэйн.
— Бирор яхши гап борми, Вуди? — қариянинг овози анча тетик эшитилди. Бундан кечани анча тинч ўтказганини билса бўларди.
— Кайфиятингиз яхшига ўхшайди, — деди Палмер. — Мен эса бу ерда ўтириб хатлар уюмини титиб, турли-туман йиғилишларга таклифларни кўздан кечираяпман. Қаранг, Мак Бернс менинг ҳақимда қандай қайғураяпти.
— Бирор фойда чиқармикан?
— Лонг-Айлендда маъруза айтишга таклиф этишяпти. Лекин у ердаги омма бизга бефойда.
— У томонларда омманинг ҳар қанақаси яхши, — эътироз билдирди қария. — Бу жудаям зарур, Вуди. Жамғарма банклари зўр бериб ўша ерга интилмоқдалар.
— Унда мен бошқа одамлар олдида гапирганим мақбул эмасми?, — деди Палмер. — Мак Бернс у ерда ишбилармонларни тўплаяпти. Улар шундоқ ҳам бизлар томонда-ку.
Бэркхардт мағрурона тўнғиллади:
— Ҳа, жин урсин, биздан юз ўгириб кўришсин-чи...
— Мен бўлсам бизларга заём, қарз ва бошқа ҳар хил мажбуриятлар орқали боғлиқ бўлмаганлар билан гаплашиб кўришни афзал билардим, — деди Палмер. — Бошқача, айтганда биздан мустақил бўлган одамлар билан...
— Буни Бернсга айт. — Қария бир оз жим қолди, кейин сўради: — У билан яхши чиқишяпсанми?
— У мен учун ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уришга тайёр. Ўзи шундай деб ишонтирди.
— Тез-тез кўришиб турасанми?
— Шу ҳафта менга телефон қилолмасин деб олдини олиб қўйганман. Ҳаддан ташқари ташаббускор. Хизматдошларнинг дўстлиги ўз йўлига, у бўлса, биродарликнинг қариндошлик ришталарими-ей...
— Фақат эҳтиёт бўл, унинг ғашига тегма, Вуди, — саросимага тушди қария. — Худо кўрсатмасин, агар унга қандай муносабатда эканингни билиб қолса борми... Бу греклар қанақалигини ўзинг яхши биласан.
— У грек эмас, ливанлик, — эътироз билдир Палмер. — Агар уни сал босиб қўймасам, чўнтагимга тушишдан ҳам тоймайди, уя қуриб олиб, хўжайинлик қила бошлайди. Унинг қилмишлари бўғзимга келди. Кетма-кет нонушталар, тушлик, зиёфатлар, тунги клублар. Агар у билан учрашувлардан бош тортмаганимда, бирор кеча тўйиб ухлай олмасдим.
— Сенга аёллар ҳам таклиф қилдими?
— Бўлмасам-чи, бир неча бор.
— Хўш?
— Нима, хўш? — кескин гапирди Палмер. — Бу одамнинг қанақалигини ўзингиз биласиз-ку, ахир, Лэйн? Унинг мияси қандай тузилганини биласизми? Ҳозирги замон сиёсатидан сабоқлар, устига устак, Филлипс Оппенгейм услубида порнография. Бунақа шоввоз яширинча суратларга тушириб, қора кунга деб асраб қўйишдан ҳам тоймайди.
— Шу боисдан аёлларни рад этаяпсан, шундайми? — деди Бэркхардт.
Палмер ғазабланди:
— Қулоқ солинг, ҳали эрта тонг, сиз билан шу қадар нозик томонларга ўтиш шартми, Лэйн.
— Гапимни қайтариб оламан, — деди Бэркхардт ва жимиб қолди. — Вуди, ғашингга тегмоқчи эмасман, лекин тушун, ўзингни ундан олиб қочаётганингни сезмаслиги керак.
— Йўқ, албатта. У буни сезмайди.
— Ишончинг комилми?
— Йўқ, албатта, йўқ! — ғазабланди Палмер. — Қулоқ солинг, мендан жуда кўп нарса талаб қилаётганингизни сезмаяпсизми?
— Тушунаман, — шошиб рози бўлди Бэркхардт. — Сиз Калхэйн билан учрашдингизми?
— Йўқ ҳали. Сиз бу саволни кеча кечқурун ҳам бергандингиз.
— Бироқ бугун жуда серзарда бўлиб қолдикми, Вуди!
— Ҳа, адашмадингиз. — Палмер бир оз жим қолди. — Сиз билан мутлақо очиқчасига гаплашмоқчиман, Лэйн. — Давом этди у жимликдан сўнг. — Мен, албатта, яхши тушунаман, ЮБТК сингари йирик банкнинг фаолият доирасига жуда мураккаб жараёнлар киради. Бу борада муайян йўналишдаги ишлар тегишли мутахассислар томонидан олиб борилади. Бу шундай бўлиши керак. Лекин биринчи вице-президентнинг иши фақат Берн етакласа эргашиб, сон-саноқсиз зиёфат ва йиғилишларда нутқ сўзлашдан иборат эмас, деб ўйлашга асосим бор.
Ҳар иккаласи ҳам бир муддат жим қолишди. Эрталабдан Бэркхардтнинг аҳмоқона саволлари билан бузилган кайфият Палмерга эҳтиёткорликни унутишга олиб келди. Буни ўзи ҳам тушунарди, лекин бошлиғининг нима дейишини кутиб, барибир яхши натижага эришиб бўлмаслигига кўзи етди-да, жим туришнинг хожати йўқ, деган қарорга келди. Қандай бўлмасин, қари қарчиғайга зарба бериш керак. Унинг ҳозир шу қадар кескин тарзда айтганлари эса энди аҳамиятсиз.
— Эрталаб нонуштани ким билан қилаяпсан? — сўради Бэркхард.
— Бернс билан, албатта, яна ким билан бўларди, — деди алам билан Палмер. — Ўтган ҳафта мен унга уч марта рад этдим. Менинг яна шундай қилишимни хоҳлайсизми?
— Йўқ-йўқ, — жавоб қилди Бэркхардт.
— Албатта, йўқ.
— Унда мен сенга тўғрисини айтаман, Вуди. Буни мен керак деб ҳисоблайман. Гап икки нарса ҳақида. Биринчиси ўзингга маълум. Гарчи ўтган вақт ичида бунинг нақадар муҳимлигини унутган бўлсанг-да. Мен жамғарма банклари билан боғлиқ жанжалли воқеаларни назарда тутаяпман. Бунинг биз учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини асло унутмаслик керак. Очиғини айтганда, бунинг ҳаммаси сенга боғлиқ.
— Мен унга розимасман.
— Кўриниб турибди.
Палмер бошлиғининг овозида кескин оҳангни ҳис этди.
— Унда сенга содда шаклда тушунтиришга рухсат бер. Бизлар, яъни тижорат банклари бу олишувда ютиб чиқишимиз керак, акс ҳолда улар билан рақобат қилишимизга тўғри келади. Бу эса бизни хонавайрон қилади. Жамғарма банклари бизлар учун ўтмишда ҳам хавф туғдирарди. Лекин ҳозиргидек таҳдидли эмасди. Бу йил улар ғолиб келиш учун бутун имкониятларини ишга соляптилар. Одамлар, пул, режалаштириш ҳаммаси шунга қаратилган. Барча тижорат банклари бу курашга бизнинг банкимиз бошчилик қилишини кутаётир. Ва биз сендан дадил саъй-ҳаракатларни кутмоқдамиз. Сен нима қилган тақдирингда ҳам, қанчадан-қанча ҳужжатларга қўл қўйганингда ҳам биз учун сенга топширилган асосий иш мана шу, аллақандай ўткинчи ишлар эмас!
— Ҳар ҳолда бу нарса банк ишларига бевосита дахлдор эмас.
— Йўқ, албатта, — рози бўлди Бэркхардт. — Сен уни қандай атасанг: реклама, сиёсатдонлик, ҳатто изқуварлик дебми-ей, ихтиёр ўзингда. Фақат шуни унутмаки, сен банк вакилисан, яна қандай банк ва буни кўнгилдагидек амалга ошириш учун чинакам банкир бўлиш керак.
— Буни ҳамиша эсда тутиш унчалик осон эмас. Бернс билан тунги клубларда вақт ўтказиш билан овора бўлиш ва у тиқиштирган малласочлардан қочиб қутулишнинг ўзи бўлмайди.
— Худди ана шу мени суҳбатимизнинг иккинчи моддасига ўтишга мажбур қилади, — эҳтиёткорона давом этди Бэркхардт. — Бизнинг банкимизда ўз ахлоқ кодексимиз мавжуд. У ҳар бир илғор корхонада бўлади. Бу кодекс, масалан, ҳарбий денгиз флотидаги сингари қаттиққўл  ёки якшанбалик мактабидагидек зарарсиз эмас. Лекин барибир у мавжуд. Биз ўз ходимларимиздан муайян хатти-ҳаракат белгиларини талаб қиламиз ва бундай масалаларда уларга ишонамиз.
Бэркхардт жим бўлди, Палмер қошларини чимириб ўз оромкурсисида олдинга силжиди. Қария нега жимиб қолди? Балки фикридан чалғиб кетгандир? Палмер жим ўтириб, кутди.
— Энг муҳим талабларимиздан бири шундаки, хизматчиларимизнинг шахсий муаммолари уларнинг уйида қолсин ва ишга халақит бермасин, — яна гапга кирди Бэркхардт.
— Шундайми? — сўради Палмер гап нимадалигини ҳали тушунмай туриб.
— Биз, албатта, бунга ҳамиша ҳам муваффақ бўлолмаслигини биламиз, лекин шунга ишонамизки, ҳамма шу тартибга амал қилади. Ишонч билан айта оламанки, бу борада камдан-кам янглишамиз.
— Шунақами? — такрорлади Палмер.
— Менга хушомадни бас қил, жин урсин! Нима ҳақида гапираётганимни тушуниб турибсан-ку, ахир.
— Йўқ, тушунмаяпман, — деди қатъий Палмер ва кескин сўради: — Сен иш вақтида шахсий ишинг билан шуғулланаяпсан, демоқчисиз, шундайми?
Унга жавоб бериш ўрнига Бэркхардт бирдан гапни бошқа ёққа бурди.
— Биласанми, бир вақтлар ушбу муассаса анча кичик, маошлар ҳам жуда кам бўлган пайтларда бизлар ҳам бутунлай бошқача оҳангда гаплашган бўлардик. Масалан, мен айтган бўлардим: «Қулоқ сол, Билл, бу нарсанинг менга мутлақо дахли йўқ, мен унга аралашишга уринмайман ҳам, лекин...» ёки шунга ўхшаш бирор нарса. Афсуски, Вуди биз жуда катта ишни бошлаб қўйганмиз, маошлар ҳам шунга яраша бўлади.
— Нималар деяпсиз? — деди ҳайрон бўлиб Палмер.
— Кўраяпсан-ку, буларнинг ҳаммаси менда ҳам акс этади, шунинг учун аралашишга мажбурман. Аралашмасдан иложим йўқ. Ўтмишда эса... Лекин биз ўтмишда яшаётганимиз йўқ ва сенинг ишинг биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
— Лэйн, худо ҳақи, айтсанг-чи, ўзи нима гап?
— Эдис, — деди қария ва узоқ жим қолди.
— Эдис? — сўрагандай қайтарди Палмер.
— Аниқроғи, сен Эдис билан, — жавоб берди Бэркхардт. Яна жимлик чўкди. Палмер унинг оғир нафас олаётганини эшитди. — Бунақаси кетмайди, Вуди, бу телефонда айтадиган гап эмас. Яхшиси клубда гаплаша қолайлик. Айтайлик, соат бешу ўттизда...
— Э-э, йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Палмер. — Мен сизни ҳозироқ кўришим керак. Осонгина қутулиб кетаман деб ўйламанг.
— Демак, бешу ўттиз.
— Лэйн, мен... — телефонни узишди.
Палмер ғазаб билан «Бркхрдт» ёзувли тугмачани босди. Бармоғи оғригунча шу тарзда босиб турди. Ниҳоят, Бэркхардт котибасининг овози эшитилди.
— Эшитаман, мистер Палмер.
— Мени мистер Бэркхардт билан боғланг.
— Уриниб кўраман, эҳтимол унга лифтда етиб оларман.
— Уриниб кўринг! — қизга бақириб юбормаслик учун у тишларини қисди, сўнг хотиржам оҳангда: — Умуман, кераги йўқ, — деди.
Палмер телефон гўшагини жойига қўйди, ўрнидан туриб дераза ёнига келди. Сўнг болалари тасвирланган ҳайкалга қаради. Ҳар тарфдан ёғилиб турган нурда фарзандларининг юзлари жуда ғалати кўринарди.


Ўн биринчи боб

Палмер банкни Бернс билан учрашувга йигирма дақиқа кечикишни мўлжаллаб тарк этди. У Бешинчи авеню бўйлаб дадил одимлар билан юриб борарди. Куз қуёшининг енгил нурлари сийраклашган каштан барглари орасидан ўтиб ерга ёйиларди. Кун кутилмаганда илиқ келди. Палмер пальтоси билан шляпасини иш столи ортидаги махфий жавонда қолдирди. У эркаловчи енгил ҳаводан чуқур нафас олиб борарди.
Йўл бўйлаб унга дуч келаётган барча қизлар унга хушрўй бўлиб кўринар, уларнинг енгил одим ташлашлари кўзни қувнатиб, дилни яйратарди. Дўконларнинг кўргазма ойналарида ҳафсала билан жойлаштирилган башанг буюмлар ўзларини кўз-кўз қиларди. Палмер одатдагидан тезроқ юриб Эллик биринчи кўчага бурилди-да, кўзи билан Нью-Йоркнинг машҳур ресторани «Йигирма бир»нинг лавҳасини қидира бошлади. У Олтинчи авенюга яқинлашганда бирдан ресторан Эллик иккинчи кўчада жойлашганини эслади. У тўхтаб ўйлади, бу хато — ўзига хос огоҳлантириш бўлса керак, Палмер қўпол хатога йўл қўяётганга ўхшайди.
Олтинчи авеню муюлишида туриб, ўтган-кетганларга қараркан, Палмер бу кўчадаги аёллар бир маҳалла нарида кўрган хонимлардан қанчалик фарқ қилиши ҳақида ўйлади. Лекин кайфияти нега бирданига ўзгариб қолганига тушунмасди.
Унинг кайфияти тез-тез ўзгариб туриши аввалдан маълум эди. Унинг асосий камчиликларидан бири шу эди. Бундан қутулиш керак деб отаси ҳам таъкидлаганди.
Палмер энди Олтинчи авеню бўйлаб секин, шошмасдан юриб борарди. Бу ердаги дўконларнинг униққан кўргазма ойналарида туриб қолган буюмлар кўзга ташланарди. Деворларда: «Шошилинч, арзон сотилади» деган ёзувлар кўзга ташланади.
Отасининг чекланганлиги Палмернинг ҳамиша ғашига тегса-да, охир-оқибат у шундай хулосага келдики, отасига уни ўраб турган дунё билан табиий муомала усули бўлиб хизмат қилаётган муҳрлар тўплами ёрдамида ҳақиқатни тиклаш чиндан ҳам анча осон бўларкан.
Эллик иккинчи кўча муюлишида Палмер қадамини секинлатди ва атрофга аланглади. Бу ердаги мўъжазгина дўконча вақтинча сайлов мавсуми идорасига айлантирилган эди. Унда шаҳар маҳкамаларига навбатдаги сайловга тайёргарлик бошлаб юборилганди. Дўконнинг деворларига биттагина ташвиқот варағининг нусхалари ёпиштириб ташланганди. Бу суратлардан қирқта бир нусхадаги одам Палмерга тикилиб турарди. Номзод ўрта ёшлардаги бир киши эди. «Сиёсат бу сизнинг ишингиз!» — дея уқтирарди Палмерга шиорлар.
Палмер Эллик иккинчи кўча бўйлаб ҳорғин ҳолда йўлини шарқ йўналишида давом эттирарди. У йўл бошидаёқ ўзини қамраб олган қувноқ кайфиятнинг саба¬бини аниқлашга уринарди. Табиийки, бу кайфиятнинг Мак Бернс билан навбатдаги учрашувга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Ҳа, Бэркхардтнинг эрталабки валақ¬лашининг ҳам бунга дахли йўқ. У Палмернинг «Юнайтед бэнк» ишларидаги ҳал қилувчи роли ҳақида гапирдими-ей. Ва бирдан Палмер тушунди, бу кайфият Бэркхардтнинг Эдис билан муносабатлари масаласига тўхталиб ўтгани туфайли эди.
У кўчанинг нариги томонига, чўян панжараларига қараб тўхтаб қолди. Панжара «Йигирма бир» ресторанининг олд томонини безаб турарди. Уларга арғумоқларни учириб бораётган пойгачи чавандозлар тасвири ўрнатилган эди. Гап бу ёқда экан-да. Палмер кўчани кесиб ўтиш учун йўлга чиқмоқчи эди-ю, ғизиллаб келаётган машиналар оқимини ўтказиб юбориш мақсадида йўлкага қайтди. Албатта, Бэркхардт гапининг оҳанги ниманидир англатиб турар, у ҳам ёзғириш, ҳам танбеҳ сифатида янгради. Қария на фақат Палмернинг Эдис билан оилавий муносабатларида, айни чоғда унинг банкдаги ишга муносабатида ҳам тартиб ўрнатишга уринарди. «Бир пайтнинг ўзида икки аёл билан қандай яшаш мумкинлиги масаласи хусусида,» — кулимсиради ўзича Палмер.
— Мистер Бернснинг столи қайси? — сўради у ресторанга киргач.
— Марҳамат, мистер э...? — бош официант паролни кутиб қолди.
— Палмер.
— Бу ёққа марҳамат, бу ёққа, мистер Палмер. — Бош официант таъзим қилди-да, Палмерни эргаштириб бораркан, мистер Бернс бир дақиқага чиқиб кетди, ҳозир қайтиб келади, деди.
— Қайтиб келади, деяпсизми? — сўради Палмер оромкурсига чўкаркан. — Менга лимон пўстлоғи ва тоза мартини олиб келишсин, — деди.
Худди ерни ёриб чиққандай Бернс пайдо бўлди, Палмернинг ёнига ўтирди-да, қўлини унинг елкасига қўйди.
— Хэлло, Вуди, — деди у дўстона. — Сизни кутдириб қўйганим учун кечирасиз. — Тепада бир мижоз билан учрашувим бор эди.
— Мен ҳозиргина келиб турибман, — деди Палмер, унинг ёлғонига панд бериш учун.
— Жуда соз. Нима ичасиз?
— Мен буюртма бериб қўйдим.
Бернс бош официантнинг номини айтиб чақирди.
— Менга ўшандан беринг.
— Хўп бўлади, мистер Бернс.
— Таомномани ҳам беринг.
— Хўп бўлади, сэр.
— Бир қути «Голд флейкс» ҳам.
— Яхши, сэр.
— Телефонниям.
— Ҳозир, сэр.
— Тезроқ.
— Ҳозир олиб келаман, мистер Бернс.
— Яхши.
Палмер уларни қизиқиш билан кузатиб турди.
— Сэр, сизга бирор нарса керакмасми? — сўради бош официант.
Ёмон зарба, қайд қилди ўзича Палмер, чунки у шу заҳоти қайтарилади.
— Йўқ, ташаккур, бошқа ҳеч нарса керакмас, — деди «коптокни кўтариб бериб» Бернс.
— Ихтиёрингиз, сэр. — Бош официант «коптокни тўр ёнида уриб туширди». Бу ҳалокатли зарба эди. Копток тўғри учиб бориб рақиб оёқлари остига урилди. Бернс қақшатқич зарбага учради: у коптокни қайтаришга эмас, ҳатто ракеткани кўтаришга ҳам улгурмади. Бош официант тантанавор жўнаворди. Бернснинг сарғиш кўзларида эса ёвузлик барқ урди. У Палмерга ўгирилди, ёвуз чақин эса нигоҳида узоқ вақт ёниб турди.
— Ўйлашимча, Лонг-Айленд ишбилармонлари ҳузурида сўзлашга таклиф этилганим, — деди кескин оҳангда Палмер, — у ерда кўплаб одам тўпланишини таъминламайди.
Бернс унга ташвиш билан қараб, сўради:
— Нега ундай деяпсиз?
Официант уларга мартини олиб келди, қадаҳларни столга қўйиб, орқасига қайтди.
— Ўша одамлар шундоқ ҳам бизлар томонда, — жавоб берди Палмер. — Бизга эса ҳали ишонтиришимиз лозим бўлган кишилар керак.
— Ишбилармон доиралар вакиллари сиз томонда эканини қаёқдан била қолдингиз?
Яна бир официант пайдо бўлди ва таомномани бериб кетди.
— Чунки тижорат банклари ўша ишбилармонларни бизнинг чўнтагимизга ўзлари солиб қўйдилар, — тушунтирди унга Палмер. — Улар ўзларининг банк амалиётларини биз орқали амалга оширмоқдалар. Улар яна қаерда банк ҳисоби очишлари мумкин? Бизлардан эса улар ўзларига зарур бўлган заёмларни оладилар. Демак, улар бизларсиз яшай олмайдилар.
— Бироқ уларнинг кун кўраётган гаров қўйилган пуллари жамғарма банкларида сақланади, — эътироз билдирди Бернс.
Шу пайт учинчи официант пайдо бўлди, у «Голд флейкс» сигаретаси олиб келганди. Бернс на официантга, на сигаретасига эътибор қилди.
— Лекин бу масалани ҳал қилмайди, — деди Палмер. — Гаровга пул қўйиш узоқ муддатли битим, уни ўзбошимчалик билан ўзгартириш мумкин эмас. Жамғарма банклари истаган одамнинг бошига тушириш учун улардан фойдалана олмайди.
— Лекин борди-ю, уларда гаров пуллардан ур тўқмоқ сифатида фойдаланиш имкони пайдо бўлса, уни шу йилдаёқ ишга соладилар, деди Бернс.
Тўртинчи официант келди, унинг қўлида телефон бор эди. У телефонни Палмернинг тепасидаги уяга улади. Бернс хўмрайиб телефонга қаради.
— Наҳотки биз ҳозир айнан иш ҳақида гаплашсак? — сўради у.
— Ҳа, биз кўп нарсани муҳокама қилишимиз керак, — жавоб берди Палмер.
— Вуди, бир неча дақиқага бўлса ҳам қўйиб тур ўша ишингни. Кел, аввалига ичайлик. Бугун жудаям бўғилиб кетдим.
— Нима, эрталаб қийин бўлдими?
— Эрталаб эмас, бутун тунни уйқусиз ўтказдим. Эрталаб соат олтида ётдим, икки соатгина мизғиб олдим. Кейин Вик Калхэйн билан нонушта қилгани югурдим.
— Ҳа-я, Катта Вик билан учрашувда сиз хўрозқанддай бўлишингиз керак.
Бернс қошларини чимирди.
— Илтимос, уни бундай атама. Мана беш йилдирки омманинг бу лақабни унутишига уринаяпман.
— Нима, эшитилиши ёмонми?
— Йўқ, лақаб у ҳақда ёмон тасаввур беради. У кўпроқ катта шаҳарнинг сиёсий корчалонларига мос келади.
— Нега энди, у чиндан ҳам катта, исми ҳам Вик, шубҳасиз, у ҳақиқий сиёсий хўжайин.
— Ҳамма бало шундаки, у бунақа эмас, — деди Бернс.
— Бўлмаган гапни қўйинг!
— Сиёсий хўжайинлар энди умуман йўқ. Бундай зотлар Иккинчи жаҳон урушида қирилиб кетди, — таъкидлади Бернс.
— Жиддий гапираяпсизми?
— Албатта. Айтинг-чи, ҳозир ким Твид, Пендергаст ва Кроунер сингари кишилар билан тенглаша олади? Унақаларни ҳозир учратиб бўпсиз!
— Барибир, унақалар бор ҳозир ҳам.
— Ким ахир? Чикаголик Жек Арвейми? И-е, унинг обрўсини бир пайтлар машҳур бўлган Эд Келли ёки Билл Томпсон обрўси билан солиштириб бўладими? Ёхуд Нью-Йорк корчалони Кармин де Сапиоми? Унинг гуруҳи Таммани уруғи билан америкаликларнинг демократик ҳаракат учун ташкилоти ўртасида адойи тамом бўлаяпти. Бу де Сапио учун ҳалокат билан тугайди.
— Шунга қарамай, — сўзида туриб олди Палмер. — Агар бирон нарсага эришмоқчи бўлсангиз, айнан Вик сингари одамга мурожаат қилинг. Фақат ўшагина сизга керак бўлган нарсани муҳайё қилиш имконига эгадир.
Бернс елкаларини қисди-да мартини тўлатилган қадаҳни кўтарди.
— Сизнинг соғлигингиз учун, — деди у.
— Саломат бўлинг, — деди Палмер.
Бир мунча муддат индамай ичишди.
— Ўйлашимча, — дея сўз бошлаган Бернс тўхтаб, шаробдан бир қултум ичди-да, давом этди, — ўйлашимча, ҳозир сизнинг сиёсий маълумот олишингизнинг айни пайти, Вуди.
— Наҳотки мен сиёсатни шунчалик ёмон билсам?
— Йўқ, албатта. Сиз сиёсат — бу ҳукумат ўз ҳаракатида амал қиладиган нарсадир, дейдиган ҳолатда эмассиз.
— Ахир, бу шундай эмасми?
— Йўқ. Асло бунақа эмас. — Бернс инглиз сигаретасини очди, қути ичидан бир донасини олди, унга ўйланиб қараб турди-да, деди:
— Сиёсат пул ундириш усулидир, нуфузли шахс бўлиш йўлидир.
— Лекин айни пайтда ҳукумат ўз саъй-ҳаракатларида сиёсатдан фойдаланади.
—Бундай саъй-ҳаракатлар — сиёсатнинг фақат қўшимча маҳсулотидир, — деди Бернс. — Унинг ҳақиқий иши эса пул топишдир.
— Ўта сурбетлик.
— Нима қилибди, — ишшайди Бернс. — Агар сурбетлик менга ҳар бир нарсани уларни ҳақиқий рангида кўриш имконини берса, мен эътироз қилмайман.
У сигаретани тутатиб олиш учун энгашди ва ўт олдиргичдан чақнаган олов унинг игнатугмасидаги қимматбаҳо тош қирраларида ярқираб кетди.
— Ҳар қандай бизнесда бўлгани сингари, — Бернс оғзидан чиқарган тутунни қўли билан ҳайдади, — сиёсат келишувнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Фақат сиёсатда уни контракт дейишади. Аслида бу сўз бошқа амалий соҳаларда унга берилаётган аҳамиятга унча мос келмайди. Келишув... Битим... У жим қолди ва хира ёритилган залга кўз югуртирди: — Вик билан нонуштага тайёрланаётиб, мен учта ана шундай битим тайёрладим. Менинг собиқ округим Бронксда ёш йигит ишга муҳтож. Бу битта битим. Келгуси ойда штатда йўрға отлар синови ўтказилади. Викдан ана шу синовда фахрий меҳмон сифатида қатнашишни сўрашаяпти. Бу иккинчи битим. Менинг бир ошнамнинг дўсти дўкон очмоқчи бўлаяпти, у иложи борича тезроқ лицензия олмоқчи. Бу учинчи битим.
— Буларнинг ҳаммаси унча мураккаб эмасга ўхшайди, — деди Палмер.
— Албатта, йўқ. Энди бу ёғини эшитинг. Ўз навбатида Вик ҳам менга иккита аҳднома тайёрлади. У янги  католик коллежларининг биноларидан бири унинг отасининг номи билан аталишини хоҳлаяпти. Бу унинг биринчи битими. Нимани айтаётганимни тушунаяпсизми?
— Бўлмасам-чи.
— Шундай қилиб, фикримга эътибор беринг. Иш мураккаблашиб бораяпти. Ҳозиргина бешта битим ҳақида гапириб ўтдик. Келинг, шулардан биттасини таҳлил қилиб кўрайлик. Масалан, биржа акциялари билан боғлиқ битимни олайлик. Викдан топшириқ олгач, мен ўз даллолимга сим қоқаман. Акциялар нархи ҳақида нима билишини сўрайман. Шу тариқа, у энди мен билан битим тузади. Тасаввур қилингки, у битим туфайли юзага келган мажбуриятларини бажара олмайди. Лекин мен ўз мажбуриятларимни бажаришим керак ва мен янгича йўл тутаман — бизни акцияси қизиқтираётган компаниянинг вице-президентига телефон қилиб, зиёфатда учрашайлик деб келишиб оламан. Бу мазкур битимнинг иккинчи босқичи дейлик. Ундан аниқ жавоб олиш учун мен ўз навбатимда унинг бир хизматини ўрнига қўйишим лозим. Бироқ нима билан? Ҳозирча ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман. Зиёфатни фақат бир нарсани аниқлаш учун уюштираман, унинг кўнглини нима билан овлаш мумкин? Балки унга машинаси учун қандайдир махсус ойна керакдир? Ёки у қайсидир фахрий лавозимни эгаллаш ниятидадир? Эҳтимол, пойгага рухсатнома олиш илинжидадир ёки бирор малласоч малак билан танишишни истар? Бироқ шундай бўлиши ҳам мумкинки, у менинг асосий саволимга жавоб бериш учун имкони бўлмас. Бу саволни унга ҳали берганимча йўқ. Шунинг учун бир йўла газеталардан бирининг биржа янгиликлари бўлими муҳарририга телефон қиламан. Ахир у кўп нарсани эшитади ва билади. Лекин ундан керакли ахборотни олиш учун, унинг ўрнига ўша муҳаррирга қандайдир бошқа масала бўйича хабар излаб топиш лозим. Бу нимани билдиришини тушунасизми? Вик билан битта ана шундай келишувнинг ўзи яна учта қўшимча битимга йўл очади.
— Ҳа, бу ерда ҳаммаси айёрона уйғунлашиб кетяпти, — деди Палмер.
— Э-э, бу ҳали оддий нарсалар. Энди ўз дўкони учун лицензия олишга ҳаракат қилаётган одамнинг тақдирига дахлдор битимни олиб кўрайлик.
— Бу Калхэйн учун унча мураккаб эмас.
— Сиз буни мураккаб эмас, деб ҳисоблайсизми? Келинг, таҳлил қиламиз. Энг аввло Калхэйн шу мақсадга эришиш учун бирор куч-ғайрат сарфлаши керакми, деб ўйлаб кўриш керак. Мен унга фақат келишув дўстимнинг ошнаси учун зарур эканини айтдим, бироқ ундан бу битим мен учун қанчалик зарурлигини атайлаб яширдим. Бунинг сабаби жуда оддий. Бу менинг дўстимга — йирик ва нуфузли мижозимга керак! Лицензияга муҳтож бўлган одам эса, дўстимнинг хотинига амакивачча бўлади. Агар амакивачча лицензияни олса, бу менинг мижозим учун жиддий енгиллик туғдиради ва бу учун мендан чексиз хурсанд бўлади. Ҳаммадан муҳими шундаки, у менинг фирмам билан келгуси ой учун контрактни янгидан тузади. Бу, билсангиз, эллик минг даромад келтирувчи мижоздир. Лекин агар Вик менинг қанчалик манфаатдор эканимни билса, у менинг илтимосимни йирик битимлар сирасига киритади. Унда мен у билан каттароқ ҳисоб-китоб қилишимга тўғри келади.
— Мен шубҳа ҳам қилмагандимки, сиз...
— Вуди, мен ҳали асосийсини айтганимча йўқ. Буларнинг ҳаммаси шу қадар аралаш-қуралаш бўлиб кетганки... лицензия масаласида бунчалик жон куйдириш шартмикин, буни Викнинг ўзи ҳал қилиши керак. Менинг илтимосим унга қанчага тушишини ҳали аниқлаш лозим. Мен унинг эски, қадрдон дўстиман. Кўп жиҳатдан бир-биримизга боғлиқмиз. Шу боисдан у, балки бирор нарса қилишга уриниб кўрар.
— Шундай бўлиши ҳам мумкинки, сиз бу лицензияни ололмайсиз, шундайми? — сўради Палмер.
— Эҳтимол. Мен айнан шундай бўлади деяётганим йўқ. Лекин шундай бўлиши ҳам мумкин, деб ўйлаяпман. Бу ўринда мен таваккал қиламан. Айни шу пайтда мен Викка мажбур бўлмасликни афзал кўраман.
— Нега энди айни шу пайтда? — сўради Палмер.
— Бу ҳақда кейин айтаман, — ваъда берди Бернс. — Энди Вик менинг илтимосимни бажаришга ҳалол уриниб кўради деб фараз қилайлик. Эҳтимол, Вик...
— Тўхтанг-чи, — унинг гапини бўлди Палмер, — бошим гангиб қолди.
— Майли. Бу лицензияни ўтказиш учун Викнинг турли-туман усуллари бор. Хўп, сиёсат масалалари бўйича биринчи сабоққа шунинг ўзи етарли.
— Демак, бугун эрталаб сизлар бешта келишувни муҳокама қилдингиз, а?
— Ҳа, бешта. Лекин улар бажарилгунча яна ўн бешта қўшимча битим пайдо бўлади...
— И-е, бу геометрик прогрессия-ку! Унинг охири борми?
— Улар сира тугамайди, — жавоб берди Бернс. — Сиёсий битимлар туғилади ва кўпаяверади, уларнинг ҳар бири ўз навбатида иккита ёки учта янгисини вужудга келтиради. Шу тариқа, ҳар куни ўнта битим тузишимга тўғри келади. Бир ҳафта давомида у олтмиштага етади. Улар ўз навбатида юз элликтага яқин янги аҳдлашувларни вужудга келтиради... лекин унутмангки, бунинг ҳаммасини бир ўзим қиламан. Бир сўз билан айтганда, мен катта томошада марказий сиймоман...
— Нақадар таъсирли, — минғирлади Палмер шаробни симираркан. — Бу шаҳар пучмоқларида шундай нарсалар юз бермоқдаки, буларни инсон онги қамраб олишга қодир эмас!
— Ҳа, анчагина жўшқин жой, — рози бўлди Бернс. — Мен ўз умримнинг ўн йилини Голливуд деб аталувчи янада қувноқроқ шаҳарга сарфладим, лекин ҳозир дадил айтишим мумкинки, улар ҳозир қилинаётганларга нисбатан болалар ўйинчоқлари эди. — Бернс ўгирилиб қаради, бармоғини шақиллатиб, бошини ирғаб, ёнидан ўтаётган официантга деди:
— Бирор яхши нарса борми, Генри?
— Қайнатилган ажойиб мол гўшти бор, мистер Бернс!
— Жуда соз. Фақат ерқалампир қайласи билан. Сиз-чи, нима хоҳлайсиз, Вуди?
— Ясмиқ шўрва, — деди Палмер. — яна ҳалиги, нима эди...
— Ростбифли сэндвич, — деди Бернс.
— Ҳа, шу яхши бўларди.
— Жавдар нонли сэндвич, Генри, — буюртма берди Бернс официантга. — мартинидан яна олиб келинг.
Бернс истаган нарсаси — ҳокимият, пул, хотинлар билан мақтаниши мумкин эди. Ҳаётда булардан бошқа яна бирор нарса бормиди ўзи? Э, ҳа, айтмоқчи, худо ҳам бор эди.
Кутилмаганда Палмер Бернсдан сўраб қолди:
— Айтинг-чи, ҳаётдаги барча қувончлар учун ҳали ҳисоб-китоб қилинишига ишонасизми?
Бернс ўгирилиб, Палмерга тик қаради. Унинг кўзлари эҳтиёткорлик билан Палмерга назар солди.
— Ҳисоб-китоб қилиш? — қайта сўради у. — Нима демоқчисиз, мен унча тушунмаяпман.
— Э, шунчаки, бир гап келиб қолди-да.
— Ўйлаганингизни айтинг, энди!
Ўйламасдан айтган гаплари учун Палмернинг ўзидан жаҳли чиқиб, қўлини силтаб қўя қолди.
— Оддий гап. Агар ҳаётда бирор яхши нарсага эришсанг, бунинг учун одатда, кейин товон тўлашингга тўғри келади, деб ўйладим.
— Мени кечирасиз-у, Вуди, — деди Бернс қўлини Палмерга теккизиб, — лекин ҳозир сиз менинг отамга ўхшаб гапираяпсиз...
— Қизиқ. Менинг отам ҳам нуқул шуни уқтирардилар.
— Моҳияти жиҳатидан бу мусулмонлар тамойили: Оллоҳ — Қаҳрли илоҳдир.
— Кальвинчилар худоси ҳам шундай.
Бернс ғалати ишшшайди, гўё улар иккаласи ҳам ҳозир бир-бири ҳақида кўнгилсиз бирор нарсани билиб олгандай бўлдилар.
— Афтидан, худо иккаламизда ҳам биттага ўхшайди, — деди у кулимсираб.
— Бироқ сиз менинг саволимга жавоб бермадингиз? — эслатди Палмер.
— Мен унга қандай жавоб беришни билмайман. Сиёсатда иш қандайлигини яхши биламан. У ерда олаётган ҳар бир нарсанг учун тўлашинг керак, Вуди. Бу катта бозорга ўхшайди. Унда ҳамма савдо қилади ва айирбошлайди. Бирор нарса олмоқчимисан? Бошқаси истаётган нарсани унга топиб бер.
Палмер Бернснинг инглиз сигаретасини олиб, дарҳол гугурт чақди, Бернсга ўз чақмоқ тошини ёқишга имкон бермади.
— Агар бу шундай бўлса, мен тушунмай турибман, нима учун сиз ҳозир Вик Калхэйнга тазйиқ ўтказмаяпсиз, токи у буни йирик келишув деб баҳоласин. — Палмер сигаретани зўр бериб сўрди ва мунча бўш бўлмаса бу, деб ўйлади, худди ичингга қизитилган ҳавони тортаётганга ўхшайсан.
— Мен бу келишувни асраяпман, дўстим.
— Нима учун?
— Сиз учун, азизим, — жавоб берди Бернс ва унинг лаблари алам билан қисилди. — Фақат сиз учун.
Nom: Re: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: Ansora 10 Mart 2010, 17:05:02
Ўн иккинчи боб

Палмер «Йигирма бир» ресторанидан Ист Ривергача пиёда юрди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносидан шимолроқдаги мўъжазгина сайрибоғда бир оз ўтириб дам олди. Шундагина у оёқлари оғриётганини ҳис қилди.
Унинг Мак Бернс билан тушлик қилиши ҳали бошланмасдан туриб, тўсатдан узилиб қолди. Официант буюрилган овқатларни келтириб, энди ликопчаларга қўяётганда телефон жиринглаб қолди. Бернсни қаергадир шошилинч чақириб қолишди. У Палмерга таассуф билдирди-да, кечирим сўраб жўнаб қолди.
— Ярим соатдан ошмай қайтаман, — дея ишонтирди у Палмерни.
Йигирма дақиқа давомида Палмер дастурхонга тортилган овқатларни тановул қилди, кейин ресторандан чиқиб, дарёгача сайр қилиб, олти маҳаллани кесиб ўтди. Куз бўлишига қарамай, ҳаво илиққина эди, шаҳарни қоплаб турган булут қуёш нурини анча юмшатганди. Эсаётган енгил шамол дарё юзасини жимирлатарди.  Шатакчи кема кўпикли из қолдириб сузиб ўтди. Палмер уни нигоҳи билан кузатиб қолди.
Тоза шамол унинг чеккасидаги сочларини силаб ўтди. У бирдан ўзини енгил, эркин ҳис қилди. У ўнғайроқ ўтириб олиб, БМТ Котибияти биноси саҳнида бир-бирини суратга олаётган сайёҳларни томоша қила бошлади.
Оиласи Нью-Йоркка кўчиб келганидан бери у биринчи марта ўзи хоҳлаган нарсани қилди. Одатда, унинг иш куни кимдир томонидан белгиланган битмас-туганмас конференциялар, тушликлар, зиёфатлар, турли қўмиталарнинг мажлислари, амалий стратегия масалалари бўйича учрашувлар, маърузалар, репортёрлар билан мулоқотлар, қўл қисиб кўришишлар ва суҳбатлардан иборат бўларди. Бундай суҳбатлар унинг ҳиқилдоғига келганди.
Унинг ишдан ташқариги ҳаёти эрталаблари оиласи даврасида нонушта қилаётиб, театрларга бориш, дам олиш кунларини Эдиснинг қариндоши Жейнинг  Роклендкоунтидаги уйида қандай ўтказиши ҳақида борарди. Қолган вақти турли-туман маросим тадбирларида ўтарди. Ана шундай тадбирларни, турли кўнгилочар ўйинларда болалари, хотини билан ўтган ширин онларини эслаб кетди...
Палмер Озодлик ҳайкалини мириқиб томоша қилиш, Фултон балиқ бозорида айланиш, Эмпайр стейт билдинг томига чиқиб атрофни кузатиш ҳам халақит бермасди, деган қарорга келди. Лекин гап бунда эмасди. Унинг ўзи учун янги бўлган бу шаҳарда айлангиси келарди...
— ... бир марҳамат қилолмайсизми? — жаранглади унинг тепасида аёл овози.
Палмер сесканиб, бошини кўтарди-да, кўзларини тепасида нималардир деяётган аёлга тикди.
— Кечирасиз, нима дедингиз? — сўради Палмер.
— Э-э, бу жуда осон. Сиз мана бу ерга қарайсиз, кейин мана бу тугмачани босасиз, — деди аёл.
У ўзидан нима исташаётганини ниҳоят тушуниб, аста ўрнидан турди. Олдида турган аёл ундан эри ва қизчаси билан бирга суратга туширишни сўраётганди. Палмер «майли» дегандай бош ирғаб, унинг қўлидан фотоаппаратни олди.
— Биз суратда БМТ биноси ҳам кўриниб туришини хоҳлаймиз, — деди аёл ва сочларини тўғрилаганича эри билан қизи ёнига шошилди.
Палмер фотоаппаратни тўғрилаб, энди тугмачани босаман деганда:
— Тўхтанг, — деб бақирди аёл ва қизчасининг елкасига туртди. — Жилмайиб тур, қаддингни ростла ва жилмайиб тур.
Палмер кутиб турди. У бу нарса қизчанинг жонига текканини пайқади. Отаси уялинқираб турарди. Ўзини тутишидан, «мени тажовузкор хотинимга ўхшатма» дегани сезилиб турарди. Қизча ниҳоят ўзини босиб олди, табассум қилди ва Палмер «ширқ» этиб тугмачани босди.
— Ташаккур! — қичқирди аёл. Қизчасини қўлига кўтариб олган эри юзини хотинининг орқасига яшириб, миннатдорчилик билдирди. Аёл фотоаппаратни оларкан, Палмерга шундай илиқ табассум ҳадя этдики, у ўзини жуда ноқулай сезди.
— Арзимайди, марҳамат, — деди минғирлаб ва ўзини енгил ҳис этиб ўриндиққа чўкди.
Палмер уларнинг Биринчи авеню томон юришаётганини кўриб турарди, лекин аёл зўр бериб чапга, БМТ биноси томон интиларди. Эркак қўли билан ўнг томонни кўрсатиб, ўжарлик билан ўша ёққа юрарди.
«Мана оилавий қалблар муштараклиги», — ўйларди Палмер улар кетидан қараб. Улар ўзаро баҳслашиб ва имо-ишора қилганча кўздан ғойиб бўлдилар. Фақат қизчанинг қичқириқларигина анча вақт эшитилиб турди. Улар сайёҳлар тўдасига аралашиб, бутунлай кўринмай кетдилар...
Палмер ўгирилди-да, нигоҳини дарёга қаратди. Шатакчи кеманинг кўпикли изи ҳануз тарқалмаган ва дарё юзида қалқиб турарди.
Манфаатлар муштараклиги, бирдамлик, ўйлади яна Палмер. Оддий ҳайвоний ҳирс, арзимас унсурдан бирор арзигулик нарса яратишга интилиш. Бизни ўраб турган ҳамма нарса иккинчи даражали унсурга айланади, кундан-кунга ёмонлашиб боради. Бу қанчалик тез юз бераётганини ҳеч ким сезмайди ҳам, ўйларди Палмер. Маҳсулотлар сифати тушиб кетяпти, арзонроқ бўлса бўлгани, тезроқ сотилса бас. Ажабланарлиси шундаки, бундан ҳеч ким шикоят қилмайди. Буни ҳеч ким сезмаётганга ўхшайди.
Одамлар телевизорларини қандай созлашларини кузатишнинг ўзи кифоя, фикр юритарди Палмер. Телевизордаги кўплаб қулоқлар нимага хизмат қилишини ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Шунинг учун ҳам телевизор экранидаги тасвирлар қинғир-қийшиқ, гоҳ ёруғ, гоҳ қоронғи кўринади. Ана шу қулоқлар ёрдамида бирор нарса қилиш мумкин, лекин созлай бошласанг, ҳалиги ёмон ва хира тасвирлар ҳам ўчиб қўя қолади. Яхшиси, унга тегмаган, қулоғини бурамаган маъқул. Барибир, бир йилдан сўнг телевизорнинг янги русумдагилари чиқади, янги, «ақлли» антенналар пайдо бўлади. Ташвишланиш шартми?
Палмер чўнтагидан сигарета олиб, маза қилиб чекди, уни ўраб турган тоза ҳавога тамаки тутунини пуркади. Бироқ енгил шабада шу заҳотиёқ уни тарқатиб юборди.
Кайфиятни созлаб олиш керак, ўйлади Палмер. Кайфиятга берилиб кетса бўлмайди. У ўрнидан турди, сигаретани ерга ташлади, пошнаси билан босиб ўчирди-да, Биринчи авеню бўйлаб шаҳарнинг ишбилармонлар маҳалласига қараб юрди. Бэркхардт билан учрашувгача ҳали икки соатча бор эди. Бемалол шаҳарни сайр қилиб, истаган нарсасини кўришга вақт етарли.
Шундай қилиш ўрнига, Палмер БМТ биносига бориб, автомат телефондан банкка сим қоқди.
— Мистер Палмер, биз анчадан бери сизни излаяпмиз, — жавоб берди малласоч котиба. Унинг овозида эҳтиром билан бирга ғазабланиш оҳанги ҳам бор эди.
Уни эшита туриб, Палмер ўзига шахсий котиба ёллаш керак, деган қарорга келди. Қандайдир эллик ёшлардаги оилали аёл бўлгани маъқул. У менинг манфаатларимни ҳимоя қилиши мумкин.
— Мен бўлимларимиз ишини текширгани боргандим, — жавоб берди Палмер ва шу заҳотиёқ алдашимга ҳожат бормиди ўзи, деб ҳайрон бўлди.
— Шунақами, кечирасиз, — деди котиба қиз. Унинг жавоби оҳангидан Палмер шуни тушундики, унинг йўқлигига зарур сабаб борлигидан котиба хурсанд бўлди. — Жаноб Бернс беш марта телефон қилди, — давом этди котиба, «беш» сўзига урғу бериб.
— Унинг ўзи телефон қилдими?
— Ҳа, шахсан ўзи беш марта телефон қилди, — деди котиба қиз.
— Агар у яна телефон қилса, унга тушунтиринглар, мен ҳозир бандман. Йўл-йўлакай у билан боғланаман. Соат бешларда ёки яхшиси бешу ўн бешларда мени «Юнион лиг» клубидан топишлари мумкин.
— Мистер Бэркхардт билан биргами, — қўшимча қилди котиба, — Сизга машинангиз керак бўлмайдими?
— Йўқ, яна қанақа гаплар?
— Кундузги иккинчи ва учинчи почталар олинди.
— Жиддий гап борми?
— Мен почтани очганим йўқ, мистер Палмер.
— Майли. Яна нима?
— Қандайдир мистер Лумис қўнғироқ қилди.
— Жозеф Лумисми?
— Унинг котиби. У кейинроқ яна телефон қиламан, деди.
— Унга ҳам клубдалигимизни айтинг. Бори шуми?
— Тағин мистер Мерчендалдан меморандум олинди.
Палмер кўзини юмиб, «уф»лади, жаҳли чиққанини билдирмасликка уринди. Котиба қиздан ғазабланиши учун ҳеч қандай асос йўқ эди. У ўз мажбуриятини сидқидилдан бажараётганди.
— Раҳмат сизга, — деди у. — Мен бошқа телефон қилмайман. Агар бирор шошилинч нарса бўлса мени «Юнион лиг» клубидан топасиз.
Палмер гўшакни илди, автоматга яна танга ташлади-да, уй телефони рақамини терди. Гўшакдан аёл овози эшитилди.
— Эдис? — сўради Палмер.
— Салом, дада.
— Жерри, ойинг қанилар?
— Янги уйимизда, ишчиларга нима қилиш кераклигини тушунтираяптилар.
— А-а, шунақами? Жерри, Бентлида сени нималарга ўргатишаяпти ўзи?
— Нимагаям ўргатишарди, ўлгудай зерикарли!
— Унда оддий мактабда ўқиганинг маъқул эмасми? Қайтага анча арзонга тушарди. Сени ўша ёққа ўтказиб қўяйми?
— Ростданми? Жиддий айтаяпсизми, дада? — хитоб қилди Жерри. — Жуда зўр-ку! Эсини еган морфийчилар ва чўнтагида пичоқ олиб юрувчи безорилар билан бир мактабга бориш! Қандай яхши! Унда мен ўша ерда ўқишни бошлайман.
— Ойингга бериб қўйиш учун ёзиб ол: Мен бугун бир оз кеч қоламан. Беркхардт  билан клубда учрашувим бор ...
— Дада? — гўшакдан катта ўғлининг овози эштилди. — Марҳамат қилиб айтинг-чи, «Юнайтед бэнк» ҳисобидаги пулнинг миқдори «Бэнк оф Америка»никидан қанча ошиқ.
Кутилмаган бундай саволдан Палмернинг ғазаби қайнаб кетди.
— Сенга нима бўлди? Банклардан бирини ёки иккаласини ҳам қўлга киритмоқчимисан?
— Бу менга мактаб учун керак. Мен иқтисодий мавзуда иншо ёзмоқчиман.
— Иншо «Мен билган банклар» деган мавзуда бўлади, дада, — гапга аралашди Жерри.
— Мен ҳозир сенга банкдаги вазиятни аниқ айтолмайман, — жавоб берди Палмер ўғлига. — Лекин манзара тахминан шундай: «Бэнк оф Америка»нинг ҳозир тўққиз миллиард беш юз миллион миқдорида пули бор, бизда эса, тахминан, ўн бир миллиардга яқин. Мен фақат қўйилган пулларни назарда тутаяпман. Активлар билан сармоямиз миқдори ўн икки миллиарддан ошади.
— «Чейз Манхэттен»да-чи?
— Етти миллиардга яқин.
— «Фёрст нэшнл сити бэнк»да-чи?
— Бундан сал камроқ.
— Сен кеча мендан олган ўн центни қайтариб берганинг йўқ, — эслатди акасига Жерри.
— «Мэнюфэкчерс бэнк», ва «Кемикл бэнк»ларда аҳвол қанақа?
— Уларнинг ҳар бири уч миллиарддан анча камроқ маблағга эга. Нега энди сен синглингдан қарзга пул олаяпсан.
— Яна қарзни қайтариб бермаяпсан, — деди Жерри.
— Чунки мен инқирозга учрадим, — тушунтирди Вуди.
— Вуди чиндан ҳам лапашангга айланиб бораяпти, — акасининг гапини бўлди Жерри. — Уйга қачон келасиз, дада?
— Бугун сал кечроқ бораман, — деди Палмер.
— Менинг соат тўққизда ётишимни биласиз. Ухлаб қолмасимдан етиб келинг.
— Албатта, вақтлироқ бораман.
— Қандай яхши, — қичқирди Жерри, — ҳозирча, дада! — Шу заҳоти Вудининг овози янгради: — Дада, мен ҳазиллашаётганим йўқ...
— Қайтиб борганимда гаплашамиз. Хайр, — ўғлининг гапини бўлди Палмер. Телефон ҳужрасидан чиқаркан, ёнидан ўтиб кетаётган одамлар оқимини кузатиб туриб қолди. Уларнинг ҳаракати тинмасди. Қаердадир шу бино ёнида ва унга туташ уйда катта маош оладиган амалдорлар ҳам курраи заминда тинчликни асраб қолиш учун қандайдир ҳаракат қилаётирлар. Улар ўзларининг кичик томошаларини мўъжазгина идораларда ва каттагина томошагоҳларда кўрсатиб, аста-секин уруш бошланган томонга силжиб бораяптилар, лекин қандайдир йўл билан тинчликни сақлаб турибдилар.
Бу чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Яна шу нарса баттар ҳайрон қолдирардики, сайёҳлардан ташкил топган бу улкан очофат юҳони БМТ биносида ҳеч нарса қизиқтирмасди. Улар учун бу ерда дуч келган бирор машҳур шахсга кўз сузиш, майда-чуйда совға-саломлар олиш, ҳашаматли бино саҳнида суратга тушиш бўлса бас.
БМТ биносидан кейин Палмер генерал Грант қабрига дуч келди. Ниҳоят у клубга етиб келганида соат ҳали беш бўлмаганди. Чарчаганидан оёқлари чинакам оғриб қолди. Палмер дарҳол юмшоққина чарм диванга чўкди-да, виски буюрди ва Бэркхардтни кута бошлади.
Палмер бу клуб аъзолигига урушдан олдин қабул қилинган  эди, ундаги хизмат сифатининг юқорилигига бир неча бор иқрор бўлганди. Шуларни ўйлаб ўтирганида ёнига бир хизматчи келди-да, қўлига бешта хабарнома тутқазди.
— Сэр, ушбу номалар сиз учун қолдирилган.
Палмер унга миннатдорлик билдириб, номага кўз югуртирди. Уларнинг бештасидан тўрттасида Мак Бернс телефон қилгани ёзилганди. У соат 4.40 дан 4.55 гача телефон қилибди. Демак, Палмернинг клубга келишидан бир дақиқа олдин ҳам сим қоққан экан-да. Кейинги хатда Бэркхардт белгиланган вақтидан олдинроқ келиши ёзилганди. Чунки унинг кейинги учрашув соат олтига белгиланган эмиш.
Ҳамиша мана шунақа бўлади, деди ўзига Палмер, ғижимланаган хатларни чўнтагига соларкан. Улар энди эгар устида маҳкам ўтиришибди.
У аста ўрнидан туриб, телефон ҳужрасига қараб юрди. Уни Бернс идораси билан боғлашди.
— Вуди, азизим, нима бўлди?
— Мен сиздан сўрамоқчиман: нима бўлди? — деб.
—Яъни нима учун айнан «нима бўлди?» — ҳайрон бўлиб сўради Бернс.
— Ахир, сиз мени излабсиз-ку, шундай эмасми?
— Ҳа-а, гап бу ёқда денг, — минғирлади Бернс, кейин эҳтиётсизлик билан қўшиб қўйди: — Э-э, ҳеч гап йўқ. Мен фақат хафа бўлдингиз деб ўйладим.
— Нима учун?
— Учрашувимиз барбод бўлгани учун-да. Мен қайтиб борсам, сиз кетиб қолибсиз.
— Сиз айтдингиз-ку, ярим соатдан сўнг қайтиб келаман деб, — эслатди унга Палмер.
— Ҳа-я, рост. Рождество байрамига менга янги соат совға қилишингиз мумкин. — Орага узоқ жимлик чўкди. Палмер бирдан тушундики, Бернс барбод бўлган учрашув учун айбни унга тўнкаши ҳеч гап эмас. Палмерни қолдириб кетгани учун ўзини айбдор ҳисоблаган Бернс энг аввло унинг қанчалик ранжиганини текшириб кўрмоқчи эди, кейин эса юз берган кўнгилсизликнинг ҳаммаси учун масъулиятни унга юкламоқчи бўлди.
— Сизга кетишга тўғри келганидан жуда афсусдаман, — деди Палмер бир оз сукутдан сўнг. — Сизни жуда яхши тушуниб турибман ва асло ранжиганим йўқ. — Яна жимлик чўкди. Палмер Бернс ҳозир ҳаммасини босди-босди қилади ва низо барҳам топади деб кутган эди.
— Жуда бемаъни иш бўлди-да, — бўш келмасди Бернс. — Гап шундаки, мен сиз билан иккита ўта муҳим масалани муҳокама қилмоқчи эдим. Энди бўлса, қачон учрашишимни ҳам билмайман, жин урсин.
— Ҳа, жуда бемаъни иш, — тасдиқлади Палмер, адашганини тушуниб. — Бу ҳақда ташвиш тортманг, Мак, мен ҳечам хафа эмасман.
— Нима қилишни ўзим ҳам билмайман, азизим, — деди Бернс, бир оз жимликдан сўнг. — Биз сиз билан анча жиддий аҳволга тушиб қолдик.
— Мак, — деди Палмер. Барибир бугун ҳеч нарса қила олмасдик.
— Майли, — деди Бернс. — Бугун кечқурун учрашувим бор. Соат 11. 30 да бизникига боринглар.
— Бугунми?
— Ҳа, бугун, — тасдиқлади Бернс. — Бугун кечқурун. Акс ҳолда учрашувимиз бир ҳафта орқага сурилади.
— Билмадим, бора олармиканман. Мен кейинроқ хабар қиламан. Қаерга сим қоқай?
— Соат нечада?
— Саккиз билан тўққиз орасида.
— «Шамбор» отелига.
— Мен телефон қиламан, кўришгунча. — Палмер жавобини кутиб ўтирмай гўшакни илди. У Бернсдан, ўзидан ва шу аҳмоқона арзимас ўйинда қатнашишга мажбур эканидан жуда ғазабда эди.
У яна диванга ўтирди ва қолган вискини қултумлаб ича бошлади. Палмер узил-кесил шунга ишонч ҳосил қилдики, барча қийинчиликлар аввал-бошданоқ ваколат муаммоси туфайли экан. Бэркхардт банкда унга иккинчи шахс даражасини берган, лекин бу ҳокимиятдан қай тахлитда фойдаланиш ваколатини белгиламаган эди. Бернс буни тушуниб, икковидан қайси бири раҳбарлик қилиши кераклигини аниқлаштиришга уринмоқда. Унинг доирасидаги эркаклар умр бўйи шу ўйин билан банд эдилар. Улар тенг вазиятда бўла туриб ҳам хотиржам бўлмасдилар ва ким паст, ким баланд эканини аниқлашга уринардилар.
Палмер авваллари бу ўйинда қатнашмасди — отаси ишининг вориси эканлиги унга устунлик берарди. Бу фақат кўринишдангина шунақа эди. У бирдан эрталаб Жо Лумис телефон қилганини эслаб қолди. Бу қўнғироқ ҳақида қарияга айтиш керакмикин?
Қизиқ, ўйлади Палмер, биз, ахир, Лумис билан таниш ҳам эмасмиз. Эҳтимол, қачонлардир отамни кўргандир. Жамғарма банкларига қарши кураш билан боғлиқ бирор муаммо Жо Лумисни менга телефон қилишга мажбур қилгандир. Нима бу — ярашиш йўлини қидиришми? Эҳтиёткорликми? Ё сотиб олишга уринишми?
— Вуди! — баланд овозда чақирди уни Бэркхардт.
Палмер чўчиб тушди ва қарияга ўгирилди. Бэркхардт унинг ёнига, диванга келиб ўтириб улгурганди.
— Хатимни сенга бериб улгуришганидан жуда хурсандман. Мен тезда қайтиб кетаман. Нима ичаяпсан, жин урсин? Наҳотки сув?
— Қарийб шунақа, — жавоб берди Палмер.
— Эски шотланд вискисидан олиб келинг, — деди у етиб келган официантга. — Сўнг Палмерга ўгирилиб, унинг тиззасига шапатилади-да: — Хўш, Бернс билан тушлик қандай ўтди? — деб сўради.
Палмер кулди:
— Бу тушликнинг энг қисқа тури бўлди: овқатни олиб келишганда, Бернсни қаёққадир «ярим соатга» чақириб қолишди. Мен бир ўзим овқатландим ва жўнавордим.
— Шундай, турдинг-у, жўнавордингми? — деди Бэркхардт ғазаб билан.
— У сўраганидай, «ярим соат» кутиб турдим.
— Нима, у келмадими?
— Келиб, кечирим сўрамадими демоқчимисиз? — унинг гапини бўлди Палмер. Ҳар ҳолда у ўзини айбдор ҳис этди.
— Мен умуман буни назарда тутганим йўқ. У ўзи хафа бўлмадими, шуни билмоқчийдим. Ўзинг биласан-ку, бу грекларни..
Палмер чуқур ҳўрсинди, ғазабини зўрға жиловлади.
— Биринчидан, у ливанлик. Кейин эса, қулоқ солинг, — у секин, босиқ овозда бошлади. — Бу одамнинг тана териси «шерман» танкининг зирҳига ўхшайди. Унча-мунчага тешиб бўлмайди. Ҳозир масала кўндаланг турибди: ё сиз менга унга ўзим хоҳлаганимдек муомала қилиш имконини берасиз, ёхуд банк томонидан сарфланаётган каттагина пулдан берасиз, токи мен ўз жойимда ёки, аниқроғи, сизнинг ажойиб хонангизда ўтирай, ахир у бўм-бўш турибди.
— Мен сенга тўла ишона...
— Агар шундай бўлса, қани буни исботлашга бир уриниб кўринг-чи, — деди унинг сўзини қўполлик билан бўлиб Палмер. Кейин жим қолди ва елкаларини қисди. — Жуда афсусдаман, лекин менда таъқиб қилиш белгилари пайдо бўлаётир. Бу Бернс менга шундай таъсир қилаётганидан далолат, — қўшиб қўйди у.
Бэркхардт жавоб бермади. Жимлик янада чўзилди, чунки официант виски олиб келганди. Қадаҳдаги муз парчаларини аралаштираркан, Бэркхардт ҳамон жим ўтирарди. Палмер қария мени кечирим сўрашга мажбур этмоқчи шекилли, деб сукут сақлар ва бу ёғи нима бўлишини кутарди.
Виски қуйилган қадаҳни лабига теккизиб, Бэркхардт Палмерга ўгирилиб сўради:
— Бугун тушдан кейин қаерларда қолиб кетдинг?
Палмернинг жавоб беришга шошилмаётганини кўриб, Бэркхардт қўшимча қилишга шошилди:
— Мен қамчи билан савалаш учун сўраётганим йўқ. Менинг ростдан ҳам буни билгим келаяпти.
— Сайр қилдим. Вақтни ўтказиш учун сайрибоғдаги курсида ўтирдим.
Бэркхардт ўзича нимадир деб тўнғиллади-да, вискидан бир қултум ичиб, бошини қуйи солди.
— Демак, — деди у, — мен бу масалани ўз вақтида кўтарган эканман-да?
— Қанақа масалани?
— Сенинг Эдис билан муносабатинг масаласини, — тишини ғичирлатди Бэркхардт. — Айни ўз вақтида, керагидан бир дақиқа ҳам олдинроқ эмас, — такрорлади у тантанавор оҳангда.
— Демак, эрталаб телефонда сиз шу ҳақда гапирган экансиз-да? — сўради Палмер. — Авваллари бунинг сизга алоқаси йўқ эди. Энди эса, вазият ўзгаргач, бу сизнинг ишингиз бўлиб қолибди-да?
— Мутлақо тўғри, — рози бўлди Бэркхардт.
— Эдис билан менинг орамда нималар бўлаётганини эҳтимол сиз тушунтириб берарсиз?
— Йўқ, албатта, — деди Бэркхардт.
— Кимдир айта оладими?
— Фақат сенинг ўзинг. Ёки Эдис. — Бэркхардт дарҳол қўшиб қўйди: — Мен, табиийки, Эдисга бирор нарса демоқчи эмасман.
Палмер ғазаби сўна бошлаганини ҳис этди. Унинг Бэркхардтга раҳми келиб кетди. Қария ҳазилакам ташвиш тортиб, қайғуга ботмаганди, ахир?!
— Бу четдан қараганда қандай кўринади? — сўради Палмер дўстона оҳангда. — Жуда ёмонми?
— Йўқ, асло йўқ, — деди қария, қўлидаги қадаҳдан кўз узмай. — Бу сен учун, Вуди, жуда қалтис мавзу эканини тушуниб турибман. Мен отангни жуда яхши билардим. Отангчалик бўлмаса-да, онангни ҳам билардим... У сўзини давом эттиргиси келмади.



Ўн учинчи боб

Клубнинг ичимликлар таклиф қилинадиган пастки зали қарийб бўшаб қолди. Бэркхардтнинг кетганига ҳам икки соатча бўлди. Палмер ғамгин, хаёллари паришон, миясида турли фикрлар ғужғон ўйнарди. Бошлиғи томонидан ўйланган дилкаш суҳбат бутунлай барбод бўлди. Бечора Бэркхардт. Бечора Эдис. Бечора «Юнайтед бэнк».
Палмер вискисини охиригача ичаркан, эслашга уринди, бу иккинчи, учинчи ёки тўртинчи қадаҳмиди... сўнг ўрнидан турди, залга кўз югуртирди ва яна ўтирди. У ҳали яна нималар бўлишини ўйлаб даҳшатга тушди. Албатта, у танлаб олиши мумкин эди. Ҳозир юз бераётган нарса, ҳатто кўп йиллар мобайнида бўлиб ўтган воқеалар унга қандайдир ёвуз куч томонидан тиқиштирилгани йўқ эди. Ҳар ҳолда унда ҳали танлаш ҳуқуқи бор эди. Мана, бугунги кечани олиб кўрайлик. Палмер уйга, хотинининг олдига бориши ва у билан бирор жойга; чақирилган зиёфатга, театр томошасига ёки қандайдир йиғилишга ташриф буюриши мумкин эди. Бироқ унда бошқа имкон ҳам бор эди — Бернс билан учрашиши мумкин эди.
— Ҳа, бундай танловнинг ҳавас қиладиган жойи йўқ, — деди ўзига-ўзи Палмер, ҳар икки ёвузликдан қайси бири камроқ эканини аниқлаш ҳам қийин.
У официантга яна бир қадаҳ виски келтиришини буюрди ва хаёлан Бэркхардт билан бўлиб ўтган суҳбатга қайтди. Унинг биринчи вице-президенти хотини билан ажрашмоқчи ёки уни ташлаб кетмоқчи эканидан ҳам хавфсираётган қарияни хотиржам қилишга эришдими ёки йўқми, шуни аниқлашга уриниб кўрди. Бэркхардт Палмернинг оилавий келишмовчиликлари банкдаги ишига таъсир қилишидан қўрқарди. Бошлиғининг таъналари аҳамият беришга арзийдими ўзи, дея ўзидан сўрарди Палмер. Қарияга берган жавоблари етарли даражада ишончли чиқдимикин? Қари қирчанғини ишонтира олдими? Эҳтимол.
Официант унга виски тутди. Палмер майдалаб ичишга киришди. Хаёлан яна танлов муаммосига қайтди. Ҳолбуки, танлайдиган нарсанинг ўзи тайинсиз эди ва у нимани танлашни ҳам билмасди.
Ҳал қилинмаган муаммолар, умуман олганда майда-чуйда нарсалар эди. Бироқ ҳозир нимадир қилиш керак. У ўрнидан турди ва қўлида қадаҳ билан телефонга қараб юрди.
У телефончи қизга уй телефони рақамини айтиб, уни улаб беришга буюрди. Ичганидан сўнг фикри тиниқлашиб, у ҳозир нима қилмоқчи бўлаётганин яхши англаб турибди. Палмер ичган пайтида онгида нимадир ойдинлашгандай бўларди. Бу, одатда, учинчи қадаҳ билан тўртинчи қадаҳ ўртасида юз берарди. Шунда у холисонилла мулоҳаза юритарди. Айни шундай дамларда у ўз қобиғидан ажралиб чиқиб, бир чеккага бориб, юз бераётган воқеаларни диққат билан кузатиб турганини ҳис қиларди. Телефончи қиз уйини улаб беришини кутаркан, ҳозир фақат бир чеккадагина эмас, ҳатто ўзимдан ҳам баландроқда турибман деган қарорга келди.
Шундай ажойиб дақиқаларда барча зиддиятли ҳаракатларида ва энг мураккаб вазиятларда ҳам масалани тўғри ҳал қилишга қодир эди. Масалан, унинг ҳозирги вазиятда ўзини тутишини олайлик. У телефон орқали уйи билан боғланиб, қатъий қарорга келиши лозим бўлган одам ролини ўйнаяпти. У дадил одам. Қарорнинг ечими етилаяпти.
Йўқ. Буларнинг ҳаммаси муғамбирлик, холос.
У қўнғироқни эшитди: унинг уйида телефон жиринглади. Палмер — четдан кузатувчи — ушбу қўнғироқнинг ҳақиқий мақсадини мутлақо аниқ кўриб турибди. Гўшакни қўлида ушлаб турган Палмерга баҳона керак, у бутун масъулиятни хотинига ағдариш учун шундай қилаяпти. Хотини эса бундан ҳатто шубҳа ҳам қилмаётир. Бироқ танловни айнан у, фақат хотинининг ўзи ҳал қилиши лозим.
— Алло?
— Жэрри, ойингни телефонга чақир.
— Ўша ойининг ўзи менман. Нима гап, азизим?
— Ий-е, бу сенмисан, Эдис? — Палмер бир зумга жимиб қолди ва тили билан лабларини ялади. — Мен клубдан телефон қилаяпман.
— Биламан, у ерда Лэйн билан биргасизлар.
— Қаердан сим қоқаяпсан? Вой, ҳа. Хўп, майли.
— Ишлар чўзилиб кетдими?
— Баттар бўлди, — жавоб берди Палмер, ёлғон гапирмаслик учун жавобдан қочиб. — Мен кейинроқ Бернс билан яна учрашувим керак.
— Кейинроқ дегани қачон?
—  Қачонлигини ҳали аниқ билмайман, — деди яна ёлғон гапиришдан қочиб, лекин ҳақиқатни гапиришни ҳам эп кўрмай. — Бугун бизда бирор иш белгиланганмиди?
— Бирор режамиз йўқ эди.
— Наҳотки ҳеч нарса?
— Мен фақат болаларни эртароқ овқатлантирмоқчи эдим, кейин иккаламиз бемалол овқатланардик.
— Ҳеч қанақа кечаларга, томошаларга таклифлар-чи? Ҳеч қанақа қабуллар йўқми? — сўради у.
— Йўқ.
Эдиснинг бир бўғинли жавоби жуда кескин эшитилди. Гапнинг оҳангидан Палмер унинг дилини оғритганини тушунди.
— Эй, худо, жуда афсусдаман, — ингради Палмер. — Шунча вақт мобайнида иккаламиз бирга ўтказадиган ягона оқшом. Шуни ҳам мен бузсам-а!
— Мен ҳам жуда афсусдаман, азизим, — энди анча юмшоқ жавоб берди Эдис. — Майли, ҳечқиси йўқ. Бошқа сафар ўзимиз учун ана шундай бирор кеча топармиз яна, — қўшиб қўйди хоним. Унинг одатдаги оҳангда гапира бошлагани Палмерда шубҳа уйғотди: унинг уйда ўрнатган қатъий кун тартиби эрининг келиши билан ўзгариши даргумон.
— Мен иссиққина ҳаммомга тушаман-да, эртароқ ётиб ухлайман, — деди Эдис.
— Ҳа, сен ҳақсан, — рози бўлди Палмер. — Мен уйга соат нечада қайтишимни аниқ айта олмайман.
— Вақтни яхши ўтказишга ҳаракат қил, азизим.
— Раҳмат. Демак, мени кутмасдан ётиб ухлайвер.
— Яхши. Хайрли кеч, — деди Эдис.
Суҳбат тугади. Палмер гўшакни илди. У қўлида қадаҳ билан диванга қайтаркан, болаларига хайрли кеч тилашни жудаям истаганини эслаб қолди.
Палмер ўтиргач, қўлидаги қадаҳни унинг олидида турган пастқам журнал столчасининг энг ўртасига қўйди. Бир чеккада туриб ушбу саҳнани кузатаётган бошқа Палмер эса сўради: столча ёнида ўтирган Палмер болаларига хайрли кеч тилашни шунчалар хоҳлагандими? Ҳозир телефонга қайтиб бориб яна сим қоқиш учун унинг истаги етарли даражада кучлимикан? Лекин шу зумда унинг ўзини англаш қобилияти сўнди. Палмер нимадир деб тўнғиллади, балки уни зийраклик билан кузатиб турган ўзининг иккинчи шахсини чўчитиб юборгандир. Палмернинг икки шахси ягона бутунликка бирлашиб, шахсий қалбини тутиб туришдан ҳеч қандай маъни йўқ деб ўзини ишонтира бошлади.
Нима бўлганда ҳам у бир нарсага эришди: бугунги оқшом хусусида Палмер учун қарорни Эдис қабул қилди. У оиласи хотиржамлиги учун Бернснинг аҳамиятини ҳисобга олиб, ҳеч қандай ташвишга ўрин қолдирмади ва шу билан қисматини танлаганини ўзи ҳам билмай қолди. Шу тариқа Эдис соғлом фикрли ва тушунадиган рафиқа эканини намоён қилди.
Кутилмаганда пайдо бўлган тақдир ҳазилидан гангиган Палмер ҳали лаб теккизилмаган қадаҳга эътибор ҳам бермай ўрнидан турди. Аста-секин лифт томонга юраркан, Бернс билан учрашувгача қолган бир неча соатлик вақтни қандай ўтказсам экан деб ўйлаб борарди. Бунинг устига уйга бормасликка қарор берганидан ўзи ҳам ҳайрон эди.
У шу ерда, клубда қолиши, овқатланиши, кейин журналларни кўздан кечириши ёки белгиланган вақтгача мизғиб олиши ҳам мумкин эди. Лифтнинг эшиги очилиб, Палмер ичкари кирди.
— Мистер Палмер, сиз пастгами?
— Ҳа, — деди у.
Кўча ҳали ёруғ, лекин анча совуқ тушганди. Палмер Парк-авеню бўйлаб бир неча маҳалла юрди. Гранд Сентрал-Терминал вокзалига қирқинчи кўча билан юриб, машиналарнинг тинимсиз ҳаракатини кузатди. Қирқ иккинчи кўчага етгач, у ғарбга бурилди ва Бешинчи авенюга чиқди. Кутубхона олдида тўхтаб, курсида бирпас ўтирсам деб ўйлади. Ҳаво совуқ бўлгани учун бу фикридан қайтди. Ниҳоят, банк биносига етиб келди.
У тепага кўтарилиб, ўз хонасига боришга ва болалари акс этган ҳайкални кўргиси келди. Бу — унинг уйига бормагани ва болаларига хайрли кеч тиламагани учун тазарру бўлади, деб ўйлади.
Шу пайт ҳужрада қоровулнинг қораси кўринди.
— Мистер Палмер, сэр, яна ишламоқчисиз, шекилли? — ҳазиллашди у.
— Ярим кун бу ерда, ярим кун у ерда, — минғирлади жавобан Палмер ҳазил оҳангида.
У лифт тугмасини босди, эшиклар очилди. Ичкари киргач, «ЮҚ» тугмасини босди.
— Тағин, ҳалиги... — эшитилди орқадан қоровулнинг овози.
— Нима дедингиз? — қайта сўради Палмер. Лекин лифтнинг эшиги ёпилиб, қоровулнинг овози ўрнига, «сиз юқори қаватга чиқаяпсиз» деган сўзлар янгради.
Палмер лифтдан чиқиб бирпас кечки осмон уфқига завқ билан қараб турди. Кейин йўлак бўйлаб ўз хонасига қараб юрди. Электр тугмасини босган эди, хона кундузгидек ёруғ нур билан тўлди. Палмер ҳайкал ёнига келди. Сўнг иш столига қараб юрди. Столга ўрнатилган тугмани босган эди орқадаги девор жавон очилди. Жавон токчасининг олис бурчагида «Олд Фитцжералд» вискисининг шишаси турарди. Шишага қараб турган Палмерга бирдан аёл кулгиси эшитилди. У кескин орқага ўгирилди, хонада ҳеч ким йўқ эди. Қизиқ, қаёқдан келди бу аёл кулгиси?
Палмер эшик олдига келди ва остонада тўхтади. Йўлакнинг нариги томонидан қандайдир овозлар келарди. Палмер юмшоқ гилам устида оҳиста юриб эшиккача келди. Бу реклама ва ахборот бўлимининг эшиги эди. У хона ичкарисига мўралади. Ёруғ нурдан унинг кўзлари қамашиб кетди. Бу бўлим хонаси ҳам Палмернинг хонаси сингари оддийгина экан. Унда саккиз киши ишларди. Хонанинг ярми тўсиб қўйилган эди. Бу ерда банкнинг реклама ва ахборот масалалари билан шуғулланувчи вице-президент ўтириши керак эди. Бироқ банкда бу лавозимда ҳеч ким йўқ эди: Бэркхардт уни ортиқча деб ҳисобларди. Бунда у Палмернинг тажрибасини эътиборга олиб шундай ўйларди. Мазкур бўлим мудири вазифасини мисс Клэри бажарарди. Бўлимда бундан ташқари яна иккита ходим, иккита техник котиба ва югурдак ҳамда экспедитор вазифасини бажарувчи ротаторчи1 ишларди.
Виржиния Клэри столнинг бир чеккасида ўтириб, қизлардан биттаси гапириб берган нарса хусусида кулаётган эди. Палмер бу қизнинг фамилиясини доимо чалкаштириб юрарди. Палмернинг лифтда тепага кўтарилганини бу ердагиларнинг ҳеч қайси бири эшитмаганди.
— Худди ўша нарса менда ҳам юз берди, — деди мисс Клэри. — Фақат шотланд вискиси ўрнига аллақандай аралашма экан.
У ўрнидан туриб, қўллари билан сонларини силаб қўйди, қора юбкасини тўғрилади. Кейин, ёзув машинкасида ишлаётган қизга энгашди:
— Шошилсанг-чи, кеч қолиб юрма тағин...
Палмер ярим очиқ эшик олдида туриб, уларни кузатарди. Бу ердан унга орқа ўгириб турган қизнинг фақат елкаси кўринарди, лекин у Виржиния Клэрини, унинг қадди қоматини яққол кўриб турарди.
Виржиния Клэри Нью-Йоркдаги банк ишлари ва барча ишбилармон доиралар билан боғлиқ ҳамма газета ва журналларнинг репортер ва муҳаррирларини биларди. Шунинг учун ҳам банк бошқармаси унга йилига ўн бир минг доллар маош тўлашни лозим топди. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам Клэри котиб ёрдамчисидан юқори лавозимга кўтарила олмасди. Аммо ҳозир унда бу лавозим ҳам йўқ эди. Бунга эришгунча ҳали кўп сувлар оқиб ўтиши лозим. Агар унинг ўрнида эркак киши ишлаганида бошқа гап эди.
— Бўпти, — деди Клэри, — энди буларнинг ҳаммасини овоз чиқариб ўқи. Мен бошлиқ учун унинг нусхасини солиштириб чиқаман. Кейин уйга кетишинг мумкин.
— «Юнайтед бэнк энд траст компани» хабари, — дея ўқий бошлади қиз. — Нью-Йорк Сити. Ушбу маълумотлар билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан 4108 телефони орқали Виржиния Клэрига мурожаат қилинсин. 7 октябр, чоршанба куни эрталабки газетеларда босиб чиқарилиши мўлжалланмоқда...»
— Йўқ, — унинг сўзини бўлди Виржиния Клэри. — Келинглар, «эрталабки газеталарда» сўзини ўчирамиз. Оддий ахборот матнини бунчалик бўрттириш керакмас. Менга сарлавҳасини қайтариб ўқи-чи...
— «Жамғарма банклари социализмнинг махфий равишда кириб келишига кўмаклашмоқда, — деди Палмер Лонг-Айленд ишбилармон доираларининг вакилларига».
— Давомини ўқи.
— «Кеча кечқурун «Юнайтед бэнк»нинг биринчи вице-президенти Вудс Палмер-кенжатой Нассау-Саффолк тумани ишбилармонлар доираси раҳбарларининг йиғилишида жамғарма банкларини социализмнинг кириб келишига ёрдам бераётганликда айблади, — деб ўқиди қиз, — бу нарса хусусий ташаббус ҳисобига амалга оширилмоқда.
У Лонг-Айленд ишбилармон доираларининг вакилларига Қўшма Штатларнинг ривожланиши ва гуллаб яшнаши айнан хусусий ташаббусга асосланган эканини эслатиб ўтади. Хусусий ташаббус ҳамиша уларнинг амалий мувафаққиятига хизмат қилиб келган. Аммо жамғарма банклари, деб уқтирди у, ўз соҳибига эга эмаслар. Уларда акцияларнинг эгалари ҳам, соф сармоя ҳам йўқ. Бунинг ўрнига банкларда ўзбошимча тўдалар ҳукмронлик қилмоқдалар, уларга ҳеч нарса қаршилик қилмаяпти. Улар қишлоқ жойларига кириб бориб, моғор боғламоқдалар, теварак атрофдаги мавжуд барча эркин пулларни ютиб юбормоқдалар ва уларни чекланган соҳаларга сарфламоқдалар. Бундан эса ҳаётнинг барча соҳалари зарар кўрмоқда... қуйида Палмернинг учрашувда сўзлаган нутқининг матни тўла берилаётир».
Виржиния Клэри бир оз жим турди-да, кейин деди:
— Бирлашмага нисбатан қайси сўз кескин жаранглайди? «Оломон»ми? Йўқ... «Беқиёфа газанда». Мана! Бизга айнан мана шу керак. Жуда зўр.
— «Газанда» билан «Хавфли мараз» битта жумлада-я? — шубҳаланиб сўради қиз.
— Нима қилибди?
— Билмадим, — жавоб берди қиз, матнга тузатиш кирита туриб. — Менимча, жуда қўполга ўхшайди.
— Сен ҳақсан, — рози бўлди Виржиния Клэри. — Жамғарма банклари миллионлаб пул қўювчи мижозларга эга, уларнинг жаҳллари чиқиши мумкин, агар... — У гапини тўхтатиб, ўйланиб қолди. — Аммо бунинг нимаси ёмон? — сўради у — Қолаверса, уларнинг жаҳллари чиқди ҳам дейлик. Хўш, нима қилибди? Улар кимдан ғазабланадилар? Палмерданми? Улар учун Палмер ким ўзи? Улар ким билан боғлиқ бўлсалар, ўшалардан — жамғарма банкларидан жаҳллари чиқади. Кейинги сафар, улар жорий ҳисобдан пул олишаётганида ёки қўяётганда, албатта, ёқимсиз саволлар бера бошлайдилар. Буларнинг ҳаммаси мантиқан тўғри.
— Сен ўзинг билан гаплашаяпсан, — деди қиз ва ўрнидан туриб керишди. — Мен учун буларнинг ҳаммаси қуруқ гап.
— Ҳа-а, — деди чўзиб Виржиния Клэри, қўли билан сочини силаб қўяркан. — банклар ўртасида авж олиб кетган кураш билан кимнидир қизиқтириш унчалик осон иш эмас. Кўпчилик учун бу жуда зерикарли эрмак. Улар ҳатто бир тоифадаги банкни бошқасидан ажрата олмайдилар. Тўғри, уларга социализм тўғрисидаги баъзи нарсалар маълум. Улар бунинг нима эканлигини билмайдилар. Лекин уларнинг тасаввурларида социализм қандайдир махлуққа ўхшайди.
Қиз кулиб юборди ва сумкасини олди.
— Э, сенинг рақибинг бўлишни истамасдим, тутган жойингни узиб оласан, — деганича эшикка қараб юрди. Палмер яширинишга улгурмаслигини тушунди. У дадил эшикни очиб ичкари кирди.
— Бир ярим маошга ишлаяпсизларми? — деди у жилмайиб.
Қизлардан бири (Фроули, Роулинс ёки исми бошқачамиди) кутилмаган бу ҳолдан чинқириб юборди, қўллари билан кўксини чангаллади, аммо Палмерни таниб, енгил нафас олди.
— Шунақаям қўрқитасизми, мистер Палмер, — деди шикоятомуз ва жилмайишга уринди. — Хайр, — деб қўшиб қўйди лифтга қараб юраркан.
Палмер Виржиния Клэрини кузатиб турди. У бошлиғи кириб келганидан бери қимир этмай ўтирарди. Ташқарида лифтнинг очилиб, ёпилгани эшитилди.
Виржиния тили билан лабларини ялаб қўйди. Лаблари анча қалин экан, ўйлади Палмер.
— Кечки амалиётларимизда сизни жуда кам кўрамиз, — деди ниҳоят Виржиния.
— Мен йўлаклар бўйлаб, оёқ учида юриб ходимларни кузатишни яхши кўраман.
— Менга жамғарма банклари юборган жосусга ўхшаб кўриндингиз. Ҳатто цианли калий ичмоқчи ҳам бўлдим.
— Ий-е, қизиқ томоша бўларкан-да.
— Кейин мундоқ қарасам, сизда узун ва патак соқол йўқ экан. Шунинг учун ҳам ўзимизникилардан бўлса керак деб ўйладим.
— Кейинги пайтларда мен буни текшириб кўрганим йўқ, лекин шу ерда ишлаётган бўлсам керак деб ўйлайман. — У мисс Клэри ушлаб турган мумқоғозни ўз қўлига олди, сўнг стол устига, жойига қўйди-да, Виржинияга тикилиб қаради. Унга яқин тургани учун уски қовоғига юпқа қилиб зангори сурма сурилганини, кўзларининг чекка бурчагига қора чизиқ тортилганини кўрди. Палмер унга ҳеч қачон бунчалик яқин турмаган эди. Хонасининг катталиги бунга имкон бермасди.
— Нутқларни сиз ёзасизми? — сўради Палмер. — Мен бу ишлар Мак Бернсга топширилади деб ўйлардим.
— Маърузалар лойиҳасини ҳамиша мен тайёрлайман, — деб жавоб берди Виржиния.
— Қизиқ, бу ҳақда у ҳеч нарса демаганди, — жилмайди Палмер. — Менимча, сизнинг ва унинг банк ҳақидаги билимларингиз зиғирча ҳам келмайди.
— Шундай ҳам дейлик. Лекин, Микеланжеломи ёки бошқа биров айтганидай мушукнинг суратини чизиш учун мушук бўлиш шарт эмас.
— Негадир Микеланжелога ўхшамайди, — деди Палмер ва столнинг чеккасига ўтириб, газета қирқимлари ёпиштирилган тахтага назар солди. — Борди-ю, бизлар бошқа соҳада ишлаганимизда-чи? Сиз бўлсангиз, Мак Бернс билан Микеланжело тамойили бўйича ҳаракат қилиб, амалий хатога, айтайлик, нарх ва таҳлил характеридаги хатога йўл қўярдинглар. Бу ҳолда эса, эҳтимол, кимдир зарар кўрарди.
Виржиния дарҳол жавоб қайтармади. Уни кузатаркан, Палмер Виржиниянинг сочлари жуда чиройли қилиб турмакланганини англади.
— Демак, биз ҳаммамиз доришуносликдан йироқ юриш бахтига муяссар бўлган эканмиз-да, — деди у ниҳоят.
— Биласизми, менда сиз банк ишининг аҳамиятига етарли баҳо бермаяпсиз деган таассурот туғдираяпсиз, — таъкидлади Палмер.
— Сиз мени бухгалтерия хисоб-китоблари ва бошқа нарсаларда завқ-шавқни кўрмайди демоқчимисиз? — сўради мисс Клэри. — Лекин ўз-ўзимизни алдашнинг нима кераги бор: банк иши пулни қарзга беришдан бошқа нарса эмас. Бу қарзлар — ипотека1, тижорат кредити2, қимматли қоғозлар, мол-мулкни бошқариш сингари ҳар қандай шаклга эга бўлмасин, бу охир-оқибатда пулни қарзга бериш демакдир. Бунинг бор сири шундаки, аввало пулга эга бўлиш керак, кейин эса уни кўпроқ фоиз талаб қилиб, пулнинг қайтиб келишини таъминлаш лозим.
— Мутлақо тўғри. — Палмер ўрнидан туриб газета қирқимлари ёпиштирилган тахта томон юрди. Газета ёзувларини кўздан кечирган бўлди. — Мутлақо тўғри, пулни қарзга бериш, — такрорлади у. — Бироқ бу «оддийгина» пулни қарзга бериш эмас.
— Албатта, бунчалик қадимги касб-кор илоҳият билан суғорилган бўлиши кеарк.
— Сиз жуда заҳарханда экансиз-ку!
— Сал-пал, — деди Виржиния ва соатига қараб қўйди.
— Кечирасиз, сизни ушлаб қолмаяпманми? — сўради Палмер.
— Ҳечам-да.
— Бироқ соатингизга қараб қўйдингиз-ку?
— Бу асабдан, — деди Виржиния, — Менга сиз таъсир қилаяпсиз. Шунинг учун заҳархандалик қилаяпман. Бундан ташқари, мана бу хабарларни матбуотга тарқатиб улгуришим керак.
— Нима, бу Фреддининг вазифасига кирмайдими?
— Буларнинг ҳаммаси бугун почтага топширилиши керак. Сиз Фреддига нисбатан менга уч баробар кўп ҳақ тўлаяпсиз, шунинг учун ҳам мендан кўпроқ иш талаб қиласиз деб ўйлайман.
Палмер қўлларини ёйди.
— Сизнинг ўз мажбуриятларингиз ҳақидаги тасаввурингизни, — деди Палмер кулимсираб, уни хафа қилмасликка уриниб, — фақат банк ишидаги билимингизнинг кенг қамрови билан таққослаш мумкин.
— Агар сиз мени тўппонча билан яккама-якка қолдирсангиз, ор-номус бурчи буюргандек йўл тутаман, — деди мисс Клэри.
Палмер афтини буриштирди.
— Бу ҳеч қанақа даромад келтирмасди. Биз, судхўрлар, ўзимизнинг камтарона фойдамизни ҳаммадан сиқиб сузиб олишни яхши кўрамиз.
— Унда ярашишни таклиф қиламан.
— Кечқурунга Бернс билан учрашувим белгиланган. Ҳозир эса ростини айтсам, кечқурунгача қолган вақтимни ўтказиш билан овораман. У билан маърузамга доир масалаларни муҳокама қилсак демоқчийдим.
— Сиз мени у билан уриштиришга уринаяпсиз, шекилли? — сўради Виржиния. — Бундан ҳеч нарса чиқмайди. Мен ҳеч ким эмасман, у эса катта сиймо. Бундан ташқари социализм ҳақидаги ғоя уники эди.
— Хўш, нима қилибди, бунақа ғоя банк ишини менсимайдиган ёки бу ҳақда ҳеч нарса билмайдиган ҳар қандай одамнинг миясига келиши мумкин.
Виржиния бошини бир томонга эгди-да, унга диққат билан қаради.
— Сизнинг жудаям жаҳлингиз чиқибди, — деди Виржиния, — роса ғазабланган бўлсангиз ҳам ўзингизни назокатли ва босиқ тутишга уринаяпсиз.
Палмер бош чайқади.
— Ундаймас. Ахир, ҳали ҳеч нарса юз бергани йўқ-ку. Сиз ҳали хабарни жўнатиб улгурганингиз йўқ, эртага эрталаб уни ўқиб кўргач, йўқ қилиб ташлашим керак эди.
— Ий-е, ҳали шунақами? — деди Виржиния чўзиб. — Менга энди етиб борди, бошқа хабар керак денг. — У бўш столга ўтирди ва машинкага қоғоз қўйди. — Марҳамат, айтинг.
— Сизлар учун хабарни мен тайёрламайман. Сиз бирданига уч кишининг мажбуриятини чалкаштириб юбордингиз.
— Уч кишининг?
— Ҳа. Мен Палмерман. Ва мен матбуот учун хабар ёзмайман. Бу сизнинг ишингиз. Сизнинг исмингиз Виржиния. Лекин сиз ротаторда ишламайсиз. Бу Фреддининг иши. Сиз буни билиб олсангиз, улар менга шунча пул тўлашмаяпти, сизга бундан камроқ, Фреддига бўлса ҳафтасига бор-йўғи етмиш доллар беришяпти.
Виржиния унга бирпас қараб турди-да, сўнг кулиб юборди.
— Чекишни истамайсизми? — сўради Виржиния, сўнг столнинг олдига бориб, қоғозлар орасидан сигарета қутисини топди.
— Ташаккур, — деди Палмер зажигалкасини мисс Клэри сигаретасига тутиб, кейин ўзи ҳам чўнтакдаги қутисидан сигарета олиб чекди.
— Энди мен мажбуриятларни тақсимлаш борасида ҳаммасини билиб олдим. Банк иши юзасидан ҳам гапириб беринг.
— Банк иши — бу қарзга пул беришдир. Менингча, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.
— Фақат қарзга пул бериш, бор-йўғи шуми?
— Йўқ, бор-йўғи шундан иборат эмас. Мана шу ерда сиз адашаяпсиз, — давом этди Палмер. — Биз фақат нафас оламиз ёки фақат еб-ичамиз, деб бўлмайди. Пул — ҳаётимизнинг зарур таркибий қисмидир. Ҳозирги замон кишиси ҳавосиз, овқатсиз ва сувсиз яшай олмагандек, пулсиз ҳам яшай олмайди.
— Шунақами! Мен лол қолдим.
— Лекин амин бўлмадингиз.
— Йўқ, сизнинг шунчалик амин эканингизга лол қолдим.
— Бошланиши ёмон эмас.
У кўзи билан кулдонни қидирди, уни мисс Клэрининг столи устида қоғозлар орасида, телефон ёнида топди. У ерда учта сурат ҳам бор эди. Сарғайган фотосуратдан бирида олтмиш ёшли аёл акс этганди. Унинг кўзлари Виржиниянинг кўзларидан ҳам катта эди. Унинг ёнида йигирма беш ёшлардаги йигитнинг тасвири. У Иккинчи жаҳон уруши даврининг ҳарбий ҳаво кучлари кийимида. Учинчи суратда эса ўғилми, қизми, ёш бола тасвирланганди.
— Ойижонингизми?
— Ҳа.
— Буниси... акангизми?
— Эрим. — У бир оз жим қолди, сўнг қўшиб қўйди. — Ва қизим. — Яна жимлик. — Фақат онам тирик.
Палмер қаддини ростлади, қўлидаги шиша кулдонни Виржинияга тутди, у сигарета кулини қоқди.
— Бу уруш пайтида юз берди. Биз машинада Лаббок (Техас штати) дан Тонакага келаётгандик. Тинч океани соҳилидаги жуда хушманзара жой. Машинамизга бир юк машинаси катта тезликда келиб урилди. Мен тушунаман, — шошилиб гапирди Виржиния, — мен доимо ўзимга сўз бераман, бу суратни уйдаги бирор қутига яшириб қўяман деб. — Мен ҳаммасини биламан. — У Палмернинг қўлидан кулдонни олди ва бир чеккага борди. — Энди бўлса, банк иши ҳақида менга батафсил гапириб беринг...
Палмер сигаретасининг кули тагида қизараётган чўғига қаради-да:
— Агар мен эплай олсайдим, — деди.
Мисс Клэри соатига қаради.
— Етти ярим, — деди. — Сизнинг Мак Бернсга учрашувингиз қачонга белгиланганини билмайман, балки мен билан овқатланишга улгурарсиз.
Палмерга отаси: — Барча кўнгилсизликлар кўп гапиришдан келиб чиқади, ҳаётда сукут сақлаш маъқулроқ, — деб таъкидларди.
— Умуман, бирга овқатланишни бошқа пайтга қолдирсак ҳам бўларди, — деди мисс Клэри, Палмерга  имкон бериш учун. — Мен анчадан бери нодонликда яшаб келаяпман, яна бир оз чидашим мумкин.
Палмер «йўқ» дегандай бош чайқади:
— Афсуски, бу ишни бошқа пайтга қолдириб бўлмайди.


Ўн тўртинчи боб

Палмер умрида биринчи марта «Шраффт» ресторанида овқатланди. У тамадди қилиб бўлгач, оромкурсига ястаниб ўйга толди. Миллионлаб кишилар ҳар куни шундай тамадди билан кун кечирадилар, деб қўйди. У мисс Клэри таклифига рози бўлиб, шу ресторанда овқатланишга кўнди.  Бу ерда танишлардан бирортаси учраб қолиши ҳам амри маҳол эди. Бу ажойиб келишувли қарор эди. Бу ерда иккови бирга овқатланаётганига аҳамият бермай, қорнини тўйдирса бўларди.
— Юзингиздаги ифодани бир кўрсангиз эди, — деди мисс Клэри, официант столни йиғиштириб кетгач. — Ахир, мен сизни огоҳлантиргандим: яхшиси курка гўшти буюринг деб.
— Ананас ва ёнғоқдан тайёрланган қайла биланми? — сўради ҳазил билан Палмер. — Отам менга Шукроналик кунигача ва Рождестводан кейин курка гўшти ейилмайди, деб уқтирарди. Афсуски, у кишида парранда гўшти юзасидан ҳеч қанақа тавсифнома бўлмаганди.
Мисс Клэри жилмайди ва шошилмасдан стакандаги сувдан ҳўплади. Рестораннинг пуштиранг хира ёруғи унинг кўзлари остидаги чуқур сояларни сездирмасди.
Уни гўзал деб бўлмайди, ўйлади ўзича Палмер. Лекин у хушрўй, жуда хушрўй. Қадди-қомати роса келишган, юзи силлиқ, кўзлари катта-катта.
— Сиз учинчи марта отангизга таъна қилаяпсиз, — деди Виржиния.
— Ўз вақтида отам турли-туман ибораларни ўйлаб чиқаришни яхши кўрарди. Эҳтимол, бу сизга зерикарли туюлар, мен кечирим сўрашим керакдир?
— Йўқ, бу бир оз эскича, лекин мароқли, — жавоб қилди Виржиния. — Нью-Йоркда ўз ота-онасидан нафратланишни ҳали ўрганмаган киши кам учрайди.
— Сизнинг столингизда эса онангизнинг сурати турибди.
— У мен билан яшайди. Ёки аниқроғи, аксинча. Айтиш қийин. Лекин бу бир-биримизни жондан яхши кўрамиз дегани эмас. Асрдан ортда қолиб бўлмайди.
— Ҳа, албатта.
— Бизнинг муносабатларимиз қуролли ярашувга ўхшайди. Онам менинг банкка кириб ишлаётганим учун сира кечира олмайдилар.
— Бунчалик қатъиятнинг сабаби нима?
— Минг тўққиз юз ўттиз биринчи йили Холлисдаги уйимизни банк ўз ҳисобига ўтказган эди.
— Шуни ҳалиям кечира олмаяптими?
— Агар уйингиз ота-онамга азиз бўлгандек сизга қадрли бўлганида эди, ўзингиз ҳам кечира олмасдингиз. Ҳаётимизнинг кўп қисмини — биз Йорквиллда ўтказганмиз. Холлисда ҳашаматли уйимиз учун отам биринчи бадални тўлаганда хонадонимизда бахтиёрлик қўшиғи янграганди, орадан уч йил ўтиб эса... — Шу ерга келганда мисс Клэрининг овози бўғилди. — Лекин, — дея давом этди ўзини қўлга олиб, — Минг тўққиз юз ўттиз биринчи йили кўпчилик шу аҳволга тушиб қолган эди. Қўшниларимизга тегишли бўлган барча уйлар ҳам муҳрлаб кетилди.
— Ҳа, бу оғир йил бўлган эди, — деди Палмер.
— Ўша йили сизларда нима бўлган эди? — сўради мисс Клэри.
Палмер елкаларини қисди.
— Э, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ўшанда менинг коллежда ўқиётганимнинг биринчи йили эди. Умуман, мен ташқи дунёдан яхши ҳимоялангандим.
— Коллежни 1934 йили битирдингизми?
— Ҳа, жуда ажойиб йил эди.
— Мен ҳам Бернард коллежини 1934 йилда тугатганман, — деди мисс Клэри.
Ҳайрон бўлган Палмернинг қошлари чимирилди, кейин оҳиста ўзига келди. У ҳайрон бўлганимни сездимикин, деб ўйлади. Кейин, албатта, сезгандир. Умуман буни яширишнинг нима кераги бор? — деган тўхтамга келди.
— Ҳечам бунақа ўйламасдим, — деди у, — сиз анча ёш кўринасиз.
— Ҳарҳолда, мен сиздан анча ёшман. Педди Калхэйн туфайли мен Бернард коллежини битиришга муваффақ бўлдим.
Палмер сал олдинга энгашди:
— Бу ном менга ҳам танишга ўхшайди.
— У бир вақтлар бизнинг Гарлемда полиция капитани бўлганди.
— Вик Калхэйнга қариндош эмасми, мабодо?
Мисс Клэри ҳайрон бўлиб унга қаради:
— Ҳа. Унинг отаси эди, — деди.
— Сиз ўзингиз Вик Калхэйн билан танишмисиз?
— Бўлмасам-чи. У ҳам Хоули Найм мактабида, болалар бўлимида ўқиганди.
— Ўшандан бери уни ҳеч кўрдингизми?
— Ҳа, бир неча бор. Менинг газетада ишлаганимни биласиз-ку. Сизга бу ёқмайдими?
Палмер бошини чайқади.
— Йўқ, нима деяпсиз? Аксинча.
Мисс Клэри унга узоқ вақт қараб турди, кейин оромкурсига ястаниб, қўлларни тиззаларига қўйди.
— Нима бўлганида ҳам, Виржиния Клэрининг бор тарихи шу билан тугайди. Яна шуни қўшимча қилишим мумкинки, бутун бўш вақтимни онамнинг банкка нисбатан кўр-кўрона нафратдан даволашга бағишлаяпаман.
— Сиз банкда ишлаётганингизни онангиздан яширишингиз мумкин эди.
— Бу ҳақда ўйлаб кўргандим, — деди Виржиния, — У ҳолда онам мени ҳар куни эрталаб ибодатга боришга мажбур қиларди. Ҳозир анча яхши.
Шу пайт официант келиб столга таомномани қўйди.
— Нима ичасизлар?
— Фақат қаҳва, — деди Виржиния.
— Менга ҳам, — қўшиб қўйди Палмер.
— Ахир, ширин ичимлик, шарбатлар овқат нархига қўшилади-ку, — эслатди официант.
— Биламан, — деди Палмер. — Фақат қаҳва беринг.
— Хўп бўлади, сэр.
Официант қиз шу ерда ўралашиб турганда улар жим ўтиришди. Хизматчи кетиши билан Палмер сўради.
— Бу ерда тез-тез бўлиб турасизми?
— Деярли ҳар куни, — деди Виржиния. — Бу ер яқин. Тез хизмат кўрсатишади. Ҳар ҳолда ишхонада, қуруқ бутерброддан кўра яхши-да.
— Эсимда, бу борада отамнинг бир ҳикмати бор эди.
— Ҳа, отангизнинг ҳаётнинг ҳар бир ҳодисасига доир ҳикматли сўзлари бор эди. Мен сизнинг иккинчи авлод банкири эканингизни ўзимга ҳамиша эслатиб тураман.
— Иккнчи эмас, учинчи авлод, банкни бувам ташкил этган.
— Нега сизни танлашганини бу ерда ҳеч ким тушунмайди. Нью-Йоркдаги банк ходимларидан бирортасини танлашса ҳам бўларди-ку. Улар бу ердаги вазиятни яхши тушунишарди. Нега сизни тайинлашганини мен энди тушуниб етдим.
— Одатда, — деди Палмер, — бу лавозимга ҳуқуқшунослик фирмасидаги банк манфаатини ифода қилувчи катта шерикни тайинлайдилар. Сайёрамизнинг келажаги ҳуқуқшуносларникидир.
— Танлов анъаналарга зид равишда амалга оширилган деб ҳисоблайсизми? — Виржиния бир зум жим қолди, сўнг давом эттирди:  — Шубҳам бор. Менингча, уларга банк ишига туғма майли бор одам керак бўлган.
— Эҳтимол бу гапларингизни хушомад деб қабул қилишим керакдир, — хўрсинди Палмер. — Биласизми, менинг «Юнайтед бэнк»ка тайинланишим муносабати билан жуда кўп саволлар туғилган эди, улар хусусида ҳали ўзим ҳам қониқарли жавоб ололганим йўқ.
— Айнан қандай саволларга?
Палмер астагина елкаларини қисиб қўйди. — Бу саволлар асосан техник характердадир, — истамайгина жавоб берди у, муҳокамага киришмоқни истамаган ҳолда. У Виржиния Клэрига қараб қўйди. Бу борада у унча сир бой бермаётир. Афтидан, бунинг учун у анча ақлли кўринади.
— Агар сиз... — дея бошламоқчи бўлди мисс Клэри.
— Дарвоқе, шуни эсдан чиқармаслик керакки, —  унинг гапини бўлди Палмер, бу мавзуга қайтмасликка қатъий қарор қилиб, — биз банк иши борасида тушунчамиздаги бўшлиқни тўлдириш учун ҳали бирор қадам қўйганимизча йўқ.
Мисс Клэри таассуфлангандай кўзларини каттароқ очди.
— Мен ўзимни фирма учун ошиқча юк ҳис қила бошладим.
— Бу соҳада унча-мунча нарсани билишингиз сизга далда бўлиши керак. Банкимизда ишлаётганларнинг кўпчилиги ўз ишини сизчалик тушунмайди, ахир.
— Мен фоизлар, хусусий қарзлар, амортизациялаш ҳамда Федерал захира тизими билан боғлиқ масалаларнинг фарқига бораман, — бидирлаб кетди Виржиния. — Унда нимани билмайман ўзи?
— Сизда умумий тизим ҳақида аниқ тасаввур етишмайди.
Официант қиз қаҳва олиб келди. Палмер Виржиниянинг ўз финжонига сут қўшиб, шакар солиб аралаштирганини кузатиб турди.
— Мен ҳали эслатиб ўтдим, — давом этди Палмер, — ҳозирги замон кишиси ҳаётида пул шунақа аҳамият касб этадики, у ҳаво ва овқат мисоли зарур бўлиб қолади. Бу сиз яхши ўзлаштириб олишингиз лозим бўлган соҳадир.
— Пулнинг қандай аҳамиятга эга эканлигини менга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ишонаверинг.
Палмер мисс Клэрига ўқрайиб қаради:
— Сиз, афтидан, яна гапни ҳазилга олиб, мавзуга чап бериб кетмоқчига ўхшайсиз.
—  Кечирасиз, бу одат менга онамдан юққан. Йўқ, мен чиндан ҳам нима ҳақида гапираётганингизни тушунишни истайман.
— Жуда соз. — деди Палмер, қаҳвадан ичиб. — Шундай қилиб, жамият ташкилотнинг такомиллашувига қараб, пул борган сари ҳал қилувчи омилга айлана боради... Хулласи калом, инсон пулсиз муносиб равишда на яшай олади, на ўла олади.
— Сизнингча, шунақа бўлиши керакми?
— Эҳтимол, йўқ, — жавоб берди Палмер. — Лекин биз файласуфлар эмас, банкчилармиз. Биз энг қимматли мулк —  пулни таъминлаш, асраш, назорат қилишни ташкил этамиз.
— Сиз энг қимматли нарса пул деб ҳисоблайсизми?
— Сизнингча, энг қимматли нима?
— Соғлиқ-чи?
— Соғлиқни пул ёрдамида сақлайдилар ва тиклайдилар.
— Тушунарли. Айтайлик, ҳм-м, севги, нафрат ҳам пулга олинадими?
— Ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Ҳозир биз иккаламиз фалсафий тадқиқотлар билан шуғулланаётганимиз йўқ. Севги-муҳаббатсиз ва нафратсиз ҳам яшаш мумкин. Лекин инсон пулсиз яшай олмайди.
— Аммо бу ҳаётнинг бир соҳаси, холос.
— Ҳа. Лекин бу ҳаёт ё мамотни ҳал қиладиган соҳа.
— Майли, шундай бўла қолсин. Аммо шуни таъкидлайманки, ушбу суҳбат баённомасида пул фақат моддий соҳада энг муҳим омил экани қайд қилинсин.
— Розиман, — деди Палмер.
Мисс Клэри диққат билан унга қаради:
— Сиз фақат мен айтганларимгагина илтифот қилаяпсиз. Ўзингиз ҳаётда моддий эҳтиёждан бошқа соҳалар ҳам бўлиши мумкин, деб ўйлайсизми?
— Ҳар ҳолда улар суҳбатимиз мақсади бўлиб хизмат қилмайди.
Мисс Клэри алам билан бошини чайқади.
— Сизни сўзда енгиб бўлмайди. Мен газета учун мулоқотингизни ёзиб олмаган бўлардим. — Бироқ у Палмерга яна бир қараб қўйди-да, таслим бўлди: — Хўп, майли, — деди у, — биз банкчилармиз. Бизни фақат моддий жиҳати қизиқтиради. Давом этинг, марҳамат.
У ўз қаҳвасидан бир ҳўплади-да оромкурсига суяниброқ ўтирди.
— Банкдаги пуллар қай аҳволда? Биз уларни махсус сейфларда сақлаймиз, у ердан ўғирлаш мумкин эмас. Кейин уларни сармояга —  қимматли қоғозлар, акциялар, корхоналар ва айрим шахслар учун заёмларга айлантирамиз... Хулласи калом, пул ёрдамида қилинадиган ишларни айни биз белгилаймиз. Охир-оқибатда, шуни айтиш мумкинки, пулнинг ижодкорлари бизмиз.
— Пул ижодкорлари? Бунинг учун биз нима қиламиз? Пулни босиб чиқарамизми?
— Деярли шундай, — жавоб қилди у.
— Нима, бу қонунийми?
— Мутлақо қонуний, — ишонтирди уни Палмер. — Федерал захира банки сифатида, биз олаётган ҳар тўрт доллар ҳисобига тоза ҳаводан битта янги доллар ҳосил қиламиз.
— Шу яхшими?
Бунга жавобан Палмер қўлини қарсиллатиб оромкурси қиррасига урди.
— Фалсафий саволлар беришни бас қилинг. Эҳтимол, АҚШда юз бериши мумкин бўлган ишларнинг энг ёмони мана шудир ва бизнинг эвараларимиз бунинг учун жуда қиммат ҳақ тўлашар. Лекин ҳозирги босқичда бизни айнан пул қутқаради.
— Бошқача айтганда, биз зарур таъминот бўлмагани ҳолда пул босиб чиқариш масъулиятини олганмиз, — деди мисс Клэри.
— Бошқа сўзлар билан ифодалайдиган бўлсак, биз инфляцияга, пулнинг қадрсизланишига йўл очиб бераяпмиз, — жавоб берди Палмер. — Бироқ америкаликларнинг ўзлари инфляцияга интилаяптилар.
— Айтаётган гапларингизга ўзингиз ҳам ишонмайсиз, — эътироз билдирди Виржиния.
— Бу ерда ишончнинг нима дахли бор? Ахир, турмуш тақозоси шунга аниқ далил-ку. Одамларнинг ўзи турли-туман ажабтовур нарсалар — 21 дюйм экранли телевизор, икки қопқали совутгич, катта қувватли автомашина соҳиби бўлишни истайдилар. Улар зарур миқдордаги пул жамғаришга кутишни истамаяптилар. Бир сўз билан айтганда, улар ёш болаларга ўхшайдилар, улар ҳамма нарсани дарҳол олишни истайдилар. Ҳар бир автомобил ёки телевизор ортида одам турибди, у ўз молини дарҳол сотиш ниятида. Лекин у сотган молининг пулини ўттиз олти ой кутолмайди. У молини сотар экан, пулини дарҳол тўлашларини истайди. Мундоқ қарасангиз, қандайдир молиявий компания, корпорация ёхуд вакил унинг хизматига ҳозиру нозир бўлиб турибди. Улар харидорга пул тўлайдилар, ўзларининг хизмат ҳақи эса молни олаётган истеъмолчи ҳисобидан тўланади. Бироқ бу компаниялар ҳам шошилинч равишда қаердандир пул топишлари зарур. Бироқ улар пулни қаердан оладилар? Улар банкка мурожаат қиладилар. Банк уларни пул билан таъминлашга тайёр туради. Пул ниҳоят тугайди. Хўш, пул қаердан олинади, тугаган захира қаердан тўлдирилади? Қаердан олинишини ўзингиз яхши биласиз. Бу пуллар босиш дастгоҳлари турган цехдан олинади.
Палмер гапдан тўхтади, тўсатдан овози кўтарилиб кетганини, унинг сўзлари улардан икки стол нарида ўтирган киши эътиборини тортганини ҳис қилди. Орага чўккан жимлик пайти у сигаретасини кулдонга босди, нега бунча ҳаяжонланаяпсан, деб ўз-ўзига савол берди.
— Сиз файласуфлардай гапга тушиб кетдингиз, — деди Виржиния Клэри.
— Ҳа, пул хусусида менинг ўз фалсафам бор, — рози бўлди Палмер. — бу фалсафа жуда архаик бўлиб, агар уни ҳаётга татбиқ қиламан десангиз, эҳтимол, бир неча ҳафта ичида бутун мамлакатни хонавайрон қиларди. Банк ишининг кўп асрлик тарихига асосланган банкчининг пулга нисбатан нуқтаи назари ана шунақа.
Мисс Клэри сал бош эгди-да, унга синовчан назар солди:
— Хонавайрон қилиш фалсафангизни менга изоҳлаб беринг-чи...
Палмер кулиб юборди, кулгиси ғалати чиқди.
— Бор нарсангни сарфлашга шошилма, — деди у. — Бу жуда аниқ, лекин жуда қийин, бажариш оғир масала. Бирор чиройли нарсани кўрсанг, ўзингда пайдо бўлган уни сотиб олиш истагини енгишга ҳаракат қил. Унинг учун аввал пул йиғ, кейин харид қил. Эҳтимол бу орада уни сотиб олиш истагинг сўниб қолар.
Мисс Клэри кенг қошларини чимирди.
— Оҳ, бунақа чекланган турмуш тарзи нақадар даҳшат, — тўнғиллади Виржиния.
Палмер елка қисди
— Ҳа, агар чекланган деган сўзни интизом маъносида айтаётган бўлсангиз.
— Интизом? — Наҳотки бу сўз, сал-пал яхшироқ жарангласа? Мисс Клэри бош чайқади. — Йўқ, бунақа ҳаёт маҳзун, рангсиз, совуқ. Ҳодисаларсиз, ҳаяжонларсиз.
— Зеро, ҳал қилиб бўлмас муаммоларсиз, тангликларсиз.
— Мана, кўрдингизми? Бу, умуман, ҳаёт эмас, фақат муқаддимаси-ку.
— Сафсата.
— Ҳаётнинг ўзи нима? Муаммолар, қийинчиликлар ва бирдан ўз йўлингда ажойиб нарса учрайди-ю, уни ўзингники қилиб олишни истайсан. Сен ўз истагингни бажарасан, пулини эса кейин тўлайсан.
— Ҳозир кимнинг ҳаёти ҳақида гапираяпсиз ўзи? — қизиқди Палмер.
Виржиния яна қошларини чимирди.
— Ҳа-а. сиз ҳақсиз. Ҳамма ҳам шундай яшашни ҳоҳлайди, деб бўлмайди. Мен буни эсдан чиқариб қўйибман.
Иккаласи ҳам жим қолди. Сўнг яна Палмер гап бошлади.
— Ҳарҳолда, бу ердан биз кимнинг ҳаётини муҳокама қилишимиздан қатъи назар, фалсафа, барибир, меники.
— Мени кечирасиз-у, бу сиз айтганингиз пулдан камчилиги бўлмаган одамнинг фалсафаси, — деди Виржиния.
Палмер бир неча лаҳза қимирламай ўтирди, сўнг қўлларини столдан олиб тиззалари устига қўйди.
— Балки, сиз ҳақдирсиз, — жавоб берди лоқайдлик билан Палмер. — Ўз истагини тия билиш ҳақида фикр, бундай қилиш зарурати бўлмаганлар миясига тез келади.
Мисс Клэри столда Палмернинг қўллари турган жойга қаради.
— Лекин бу билан мен, — дея аста гап бошлади Виржиния, — кимда пул бор бўлса, ҳар қандай истагини ўз-ўзидан қондираверади, демоқчи эмасман. Пулга сотилмайдиган буюм йўқ. Балки ҳамма нарса сотилар. Аммо сотиб олган ҳамма нарсадан ҳам қониқиш ҳосил қилинавермайди.
— Мени кечирасиз-у,— деди киноя билан Палмер, — бу энди илоҳий олам пучмоқларида адашиб юрган одамнинг фалсафаси.
— Ҳа, — рози бўлди мисс Клэри. — Мен ахир, кельтлар тоифасиданман, аврашни биламан, қарта билан фол очаман. Ҳатто жодугар ҳам бўла оламан.
— Қизиқ. Унда сизга икки маош белгилашимизга тўғри келади, биз томонда қолганингиз учун, албатта.
— «Биз томонда» деб нимани айтаяпсиз?
— Сигарета чекасизми? — таклиф қилди Палмер. Хоним «ҳа» дея бош ирғади. — бу бор-йўғи образли ифода, холос.
— Йўқ, бу оддий образли ифодадан каттароқ, — деди Виржиния хоним, у тутган чақмоқтошдан сигаретасини ёндириб. — Мистер Бэркхардт «Биз томонда» деган ифодага гўё биз ким биландир уруш ҳолатида турганимиздай маъно беради.
— Агар сиз жамғарма банкларини назарда тутаётган бўлсангиз, бу аслида шундай.
— Бироқ, хўп деяверинг-у, бу бемаъни гап. Ахир, улар ҳам, барибир, банк-ку! Жамғарма банкларидан айримларининг раҳбарлари бизнинг дирекция таркибида, ва аксинча, жамғарма банклари бизнинг банкимиз хизматидан фойдаланади. Биз уларга гаров ашёларини сотамиз. Улар ҳам, биз ҳам, умуман, банк амалиёти билан шуғулланамиз. Бу, қаранг-ки, уларнинг ҳам, бизнинг ҳам ўз «томон»ларимиз бор экан. Нега шундай бўлди?
— Тижорат банки билан жамғарма банки ўртасида қандай фарқ бор, биласизми ўзи?
Мисс Клэри бош ирғади, оғзидан ҳалқа-ҳалқа қилиб тутун чиқарди.
— Улар тижорат компанияларига кредит беролмайдилар.
— Бу бошқа жиддий фарқнинг билвосита натижасидир.
— Айнан қанақа фарқнинг?
— Бунинг учун узоқ ўтмишга саёҳат қилишга тўғри келади. Бу ўн иккинчи асрнинг биринчи ўн йиллигида бошланган эди. Ўша пайтларда камбағалларда фақат иккитагина имконият бор эди: улар ўз жамғармаларини ёстиқлари тагига яширишлари ёхуд сарфлашлари керак эди. Биринчиси унчалик ишончли бўлмагани учун, улар ўзларининг сариқ чақаларини қашшоқликларини унутиш учун виски олиб ичишга сарфлар эдилар.
— Эх, бу туйғуни мен яхши биламан!
— Камбағалларга васийлик қилувчи авлиё оталар бундан даҳшатга тушдилар: чунки ёппасига ичкиликбозлик бошланган эди, — давом этди Палмер. Шунда шотланд мактаблари ўқитувчиларида пайдо бўлган ғоядан фойдаланишга қарор қилдилар. Ўқитувчилар, авлиёлар, тарғиботчилар ва ислоҳатчилар шу ғояга биноан жамғарма банклари ташкил этишга киришдилар. Мазкур банклар камбағалларнинг ҳар қандай омонат пулларини сақлаш учун қабул қила бошладилар.
— Қандай маккорлик!
— Чинакам даҳшат. Ўша давр банклари йирик корхоналар омонатлари ёки бадавлат кишиларнинг кўчмас мулклари билан муомала қилардилар. Жамғарма банклари эса, ҳафтасига арзимас чақа олишдан ҳам ҳазар қилмасдан камбағал ўз маошидан қўйиши мумкин бўлган ҳар қандай миқдордаги маблағни қабул қилардилар. Лекин энг маккорлик томони шунда эдики, қашшоқлардан омонатга олинган сариқ чақалар муомалага киритилар, омонатчиларга эса, рағбат тариқасида арзимас фоизлар тўланарди.
— Жиноят!
— Ҳали шошманг, энг даҳшатлиси олдинда.
— Ий-е, бундан ёмони ҳам бўлиши мумкинми?
— Мана, қаранг: жамғарма банклари ўзаро қарз бериш жамиятига айланди. Акция соҳибларига йўл бекилди. Банклар омонатчиларнинг мулки бўлиб қолди. Муомаладан тушадиган барча фойда бевосита банкка ўз чақасини қўядиган омонатчиларга тегадиган бўлди.
— Ана холос, бу деярли социализм-ку!
— Худди шундай, — тасдиқлади Палмер. — Лекин ҳамма гап шундаки, шотланд авлиёсининг миясига ана шу фикр келганда, Карл Маркс эндигина саккиз ёшга тўлганди.
— О-о!
— Ҳарҳолда, жамғарма банк тизимидаги банк арбоблари ўта изчиллик билан ҳаракат қилардилар. Одатда, улар ўз мижозларининг омонатларини давлат акцияларига жойлардилар. Ўта ватанпарварлик ва ўта ишонч билан жойлардилар. Бу банкларнинг деярли барчаси хонавайрон бўлишдан қутулиб қолдилар. Бошқалари эса инқирозга юз тутдилар.
— Юз йил мобайнида шундай давом этди, денг?
— Юз йилдан ҳам кўпроқ. Кейин ёлланиб ишловчилар бўйича ҳар хил янгиликлар: касабалар уюшмаси, касаллик ва қарилик ҳодисасини суғурта қилиш, ҳаётни суғурталаш, ишсизлик бўйича ёрдам пули, нафақа ва шу кабилар пайдо бўлди. Бу борада тижорат банклари чиранишни йиғиштирдилар. Улар ишчиларнинг ҳар қандай жамғармаларини қабул қилишга қарор бердилар. Ишчи энди ишлайдими, йўқми, соғми ёки касалми эканидан қатъи назар банкнинг қадрли меҳмони бўлиб қолди. Агар ўлиб қолса, унинг оиласи ҳам банк хизматидан баҳраманд бўларди.
— Аммо бунинг жамғарма банкларига нима дахли бор?
— Ҳеч қанақа дахли йўқ. Жамғарма банклари умрини яшаб бўлди. Энди улар ҳеч кимга керакмас.
— Вой, мунча аянчли, — деди киноя билан мисс Клэри. — Наҳотки шунақа бўлса?
— Ҳа, жуда жиддий. Чунки улар мижозларга ҳеч нарса беролмайдилар.
— Ахир, бу жуда қайғули-ку! Авлиё оталар ва марҳаматли зотлар энди нима қиладилар?
— Агар бунақага йўяверишингизни билганимда,буни сизга гапириб ўтирмасдим.
— Йўқ, йўқ, мен бошқа унақа қилмайман, — деди Виржиния. — Айтинг-чи, бу ҳақда жамғарма банклари вакиллари билан ҳеч ким гаплашиб кўрдими? Ахир, улар ҳалиям фойдали иш қилаяпмиз деб ўйлашаяпти-ку.
Палмер илжайди.
— Ҳамма бало шунда-да.
— Демак, улар билан ҳеч ким жиддий гаплашмаган, шундайми?
— Энди нима бўлганига қулоқ солинг, — деди Палмер. — Ўша авлиё оталар ерга уруғ қададилар. Уруғдан катта дарахт ўсиб чиқди. Ҳозир у ҳеч кимга керак бўлмаса-да, ўсишда давом этмоқда. Жамғарма банклари ўн минглаб хизматчиларини иш билан таъминламоқда. Қудратли бюрократик аппарат жамғарма банклари мавжуд бўлиши ва гуркираб ривожланишидан манфаатдор.
— Уларни тинч қўйса бўлмайдими? Ахир кўпчилик кишилар ўз пулларини жамғарма банкларида сақлашни маъқул кўришаяпти-ку, — таъкидлади мисс Клэри.
— Нимага шундайлигини мен сизга тушунтираман, — деди Палмер. — Ўша дарахт ўсаяпти ва бақувват бўлиб бораяпти, чуқур илдиз отаяпти. Бу илдиз ҳар томон ёйилмоқда ва тупроқнинг тўйимли шарбатини симирмоқда. Биз эса ана шу тупроқ устида кўкармоғимиз лозим. Энди тушунарлими?
— Ҳа. Ҳаммаси ойдин бўлди-қўйди, — жавоб берди мисс Клэри. У ўз сигаретасини  ўчирди-да оромкурси орқасига суянди. Кейин узун киприклари орасидан суҳбатдошига ҳорғин қараб, сўради: — Хўш, сиз энди ўша дарахтни нима қилиш ниятидасиз?
Палмер столга қараганча жавоб берди:
— Илдизи билан қўпориб ташламоқчиман...
Виржиния Клэри чап қўлининг енгини бироз қайирди-да, соатига қаради. Кейин жуда хотиржам, назокатли оҳангда гапирди:
— Ҳозир Мак Бернсга телефон қилмайсизми?
Палмер ҳайрон бўлиб пешанасини тириштирди:
— Менми... Шунақа кеч бўлдими? — соатига қаради, ўн бўлаяпти: — Ҳа, сиз ҳақсиз.
Улар бир-бирига қараб яна бироз ўтирдилар. Қайси гапимдан бунчалик совудийкин, ўйлади Палмер. Вақт ўтаяпти, у ҳали Бернсни кўриши керак. Иннанкейин, охир-оқибат Виржиния Клэри изоҳларини қандай қабул қилиши билан унинг нима иши бор?


Ўн бешинчи боб

Эдис Палмер чап қўлининг узун ва кенг енгини қайириб соатига қаради. Унинг ҳаракатида нимадир Вудс Палмернинг диққатини тортди. Қаҳвали финжонни қўйиб, у эрталабки офтоб нури жилвасини томоша қиларди. Нур жилваси Эдиснинг қўлидаги майда толаларни тилларанг қилиб кўрсатарди. Лекин бирдан хотинининг бу ҳаракати нега унинг диққатини тортганини тушуниб, Палмер йўталиб, сўради:
— Саккиз ярим бўлдими?
— Ҳа, деярли. Менга қара, Вудс, илтимос, мен учун беш-ўн дақиқа ажрат.
— Машина кутаяптими?
— Кутаяпти, албатта. Беш ёки ўн дақиқа кечиксанг ҳеч нарса қилмайди. — У эрига ижирғаниш билан қаради. — Ёки, ҳеч бўлмаса шофёрга айтарсан «тезроқ ҳайда» деб.
Палмер қаҳвасини ичиб, лабларини қоғоз сочиқ билан артиб қўйди.
— Тезликни оширганимиз учун бизга жарима солишса-чи? — деди у, —Мак Бернс мен учун ҳаммасини босди-босди қилади.
Эдис қошини чимирди.
— Бор-йўғи беш ёки ўн дақиқа, — такрорлади Эдис.
— Майли.
Эдис ўрнидан туриб, эрини кутубхонасигами ёки иш хонасигами-ей етаклаб кирди. Меҳмонхона маъмурияти бу хонани улар учун махсус ажратиб берганди. Ҳозир мазкур хонага ўралган расмлар, ёғоч қутилар тахлаб ташланганди. Уларда отаси тўплаган нодир китоблар бор эди. Ҳамишагидек Палмер улар вақтинчалик турган бошпанани эслатувчи тартибсизликдан чимирилди.
— Хўш, нима дейсан?
— Мана, кўриб қўй. — Эдис ёзув столининг ёнига борди. Стол дераза олдида турарди. Эдис чизмалар ўрамини еча бошлади. — Сен билан учинчи қаватнинг лойиҳасини муҳокама қилишим лозим.
— Нимасини муҳокама қиласан? Мен уни маъқуллайман.
Эдис бир зумга кўзларини юмди.
— Вудс, илтимос, эрталабдан ҳазилга бало борми?!
Унинг узун кўрсаткич бармоғининг силлиқланган пушти тирноғи чизманинг «хона» деб ёзилган жойига қадалди. Эдис эрига қаради.
— Бу хона сен учун, — деди Эдис. — Мен ёзув столини қаерга қўйишингни билишим лозим.
— Мен бу ерда нима қиламан?
Эдис елкасини қисди.
— Бу борада ҳеч қанақа тасаввурга эга эмасман, азизим. Фақат шуни яхши биламанки, Чикагода уйда ўтириб ишлайдиган хонанг бор эди, демак Нью-Йоркда ҳам бўлади.
— Бу ерда мен қандай ролни бажаришим керак, Эдис? Оиласи даврасидаги кўнгилчан кекса банкирними? Ёки серғайрат ёш молия корчалониними?
— Ҳамма бало шунда-да, — сўзини бўлди Эдис. — Бунақаси қўйсак, қуёш тўғри кўзингга тушади.
— Эдис, — кескин эътироз билдирди Палмер. — Бунинг нима аҳамияти бор? Бу ерда ўтириб ишлайдиган хонанинг нима кераги бор ўзи? Агар борди-ю, ўтирсам ҳам фақат кечқурунлари ўтираман-ку.
— Ҳа, тўғри, — деди Эдис ва унга ўгирилди, — Ҳа, бўлмасам-чи?
— Сен яна мендан сўраяпсанми? Ахир, саволни мен бердим-ку!
У бир неча сония эрини индамай кузатиб турди. Эдис ўзига хос қараш билан боқаркан, гўё шу дамда Палмер нима ҳақида ўйлаётганини, умуман, оламда нималар бўлаётганидан хабардор экандай тутарди ўзини.
— Албатта, — дея сўзини давом эттирди Эдис ниҳоят, — болалар ҳам вақт-вақти билан бу хонадан фойдаланиб турардилар. Чунки барча маълумотномалар шу ерда бўлади.
— Мана, энди биз бир қадам олға босдик. Бу менинг хонам, лекин болалар ҳам вақти-вақти билан ундан фойдаланиб турадилар.
— Балки ҳар куни фойдаланиб туришар. Шуни унутмаки, бу ерда қомуслар, луғатлар, иқтисод ва банк ишига доир барча китоблар бўлади. — Эдис жим қолиб эрига қаради. — Сен бу ерга яна нимани қўйган бўлардинг? Поулк маълумотномасиними? Ҳар хил мавзудаги маърузалардан кўчирмалар? Ёхуд Бартлеттними?
Палмер чизмадан чангни қоқиб ташлаб, столнинг бир чеккасига ўтирди.
— Вой худойим-ей, Бартлетт менга бирдан нима учун керак бўлиб қолди? — сўради у.
— Сенинг маърузаларинг учун. Ахир маърузалар учун тайёрла¬насан-ку.
— Уларни мен ўзим тайёрламайман.
Эдис кўзларини паркет тўшамасига қадаганча жимиб қолди. Кейин бошини аста кўтариб, Палмерга қаради. Бу сафар унинг нигоҳи ҳар нарсани биладиган эмас, ҳайратланган эди.
— Нима, уларни ўзинг ёзмайсанми?
— Маърузаларни бутун бир гуруҳ тайёрлайди.
— Кимлар? — ҳайрон бўлди Эдис.
— Кимлар? — худди акс-садодай қайтарди Палмер. — Банк хизматчилари, Бернснинг ходимлари, уларнинг кўпини ўзим ҳам билмайман.
Ўзининг бундай тан олиши яхшиликка олиб бормаслигини ҳис этган Палмер ўрнидан туриб, эшикка қараб юраркан:
— Сенинг беш ёки ўн дақиқанг тугади, Эдис. — деди.
— Ҳа, биламан. — У эридан кўз узмасди. — Вудс!
— Ҳа!
— Менга айт-чи, нутқингни ўзинг ёзмасанг, банкда кун бўйи нима қиласан?
Хотинининг ҳужумга ўтишини сезиб, Палмер биринчи бўлиб зарба беришга шайланди.
— Ий-е, намунча аҳмоқона савол? — тўнғиллади у.
— Ҳа, албатта. Ахир ўзинг ҳеч нарса гапирмай мени ноқулай аҳволга солаяпсан.
— Сени шунга мажбур қилдимми?
— Мана бу ишлайдиган хонанг сингари, — деди Эдис. — Жуда аҳмоқона иш бўлди, шундаймасми? Агар менинг ўрнимда меъмор ёки безакчи бўлганида, уларга ҳаммасини тушунтиришни ўз бурчинг деб билардинг. Эҳтимол, уйни қайта қуриш билан боғлиқ ишларга мен аралашмасам-у, буни мутахассислар қилсалар сенга яхшироқ бўлар? Балки улар учун вақт топарсан, ахир менга вақт ажратолмаяпсан, мутахассисларга кўрсатмалар берарсан. Кейин мен улардан сўраб оларман. Ҳеч бўлмаса мен шу тариқа билардимки, сен... — Эдис бирдан тўхтаб қолди, яна қандайдир сўзларни айтиб юбормаслик учун пастки лабини тишлади...
Сўнг яна чизмалар устига энгашди.
— Пастда сени машина кутаяпти, — деди Эдис, мулойим оҳангда. — Cоат йигирмата кам тўққиз бўлди.
— Ҳа-я, — деди ўрнидан жилиб Палмер, — Менга қара, афсуски, сени хафа қилиб қўйдим. Лекин саволинг ҳам жуда бемаъни эди-да, жин урсин.
— Қайси саволим?
— Менинг кун бўйи ишда бандлигим ҳақидаги-да...
— Сенинг жуда кўп ишлаётганингга шубҳа қилмайман, — деди Эдис яна ўша мулойим товуш билан. — Мен бундай қилмаслигим керак эди, бу адолатданмас.
— Йўғе, нима деяпсан, жуда адолатдан-да, — деди у аламли товушда ва эшикка бурилди. — Мен тушликдан сўнг сенга сим қоқиб, мен учун бугунга нималар белгиланганидан хабардор қиламан.
— Эсингдан чиқмасин, бугун биз Грэмларникида овқатланамиз, — эслатди Эдис, эри хонадан чиқаётганда.
— Яхши.
— Вудс! — чақирди Эдис уни орқасидан.
— Нима?  — у остонада тўхтади.
— Яхшилаб ўйлаб олгач, банкда нима иш қилаётганингни менга тушунтириб берарсан.
Палмер эшикни қарсиллатиб ёпди. У бунчалик қаттиқ ёпишни истамаганди. Меҳмонхона хизматчилари эътиборини тортмаслик учун, албатта. Лекин шу даражада қаттиқки, Эдис тушуниб олсин, бу сафар қош қўяман деб, кўз чиқаришига сал қолди.


Ўн олтинчи боб

Палмер ўз хонасининг улкан ойнаси олдида туриб, Сентрал-паркдаги дарахтларнинг қўнғир ва қизил баргларини томоша қиларди. Ўзгариш энг сўнгги кунларда юз берди. Яқиндагина қуёш нурлари остида яшнаб турган яшил япроқлар бир кечанинг ўзида сўлди.
Интеркомнинг бўғиқ овози жиринглади ва Палмер каттакон хонанинг қарши бурчагида турган столга ўгирилди. У ойна олдидан истамайгина стол ёнига борди, «котиба» деб ёзилган яшил чироқли тугмани босди.
— Ҳа?
— Мисс Клэри сизни кўрмоқчи экан, мистер Палмер.
— Яхши. Майли кирсин.
Палмер стол четига ўтирди. Мисс Клэри унинг хонаси бўсағасидан ўтди ва одатдагидек эшигини қия очиқ қолдирди. Бугун у тўққизил юмшоқ жерсидан тикилган кўйлакда эди. Бу кўйлакда унинг ингичка бели ва дўмбоқ сонлари яққол сезилиб турарди.
— Сиз сўраган материални олиб келдим, — деди мисс Клэри. Унинг юзи Палмернинг синовчан нигоҳи остида қотиб қолгандай эди. У аёлга ҳамон диққат билан қараб турарди.
— Хайрли тонг, — деди у, гап нима ҳақидалигини дарҳол эслолмай. — Қанақа материал? Ҳа-я.
Палмер ўрнидан туриб, эшик олдига борди-да, уни ёпиб қўйди.
— Сиз буни ҳеч кимга билдирмай тайёрладингизми? — сўради у стол ёнига қайтиб бориб, оромкурсига ўтираркан.
— Албатта. Бу материални топишда менга «Стар» таҳририятидаги эски бир танишим ёрдам берди.
Мисс Клэри қўлидаги жилдни Палмерга узатди, кейин ўриндиққа чўкиб, бир оёғини иккинчиси устига олмоқчи эди, лекин фикридан қайтиб, икки оёғини жуфтлаб ўтирди. Палмер жилддаги қоғозларни варақлаб чиқди. Бу Жо Лумис ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги қораламалар эди.
— Сиз ўзингиз буларни кўриб чиқдингизми? — сўради Палмер
— Мен уларнинг тадрижий изчиллигини текшириб чиқдим, — жавоб берди аёл.
Палмер қошини чимирди. Мисс Клэри бугун ўзини ўта расмий тутарди. Гўё уларнинг кечаги норасмий тушлиги учун ўз айбини ювмоқчи бўлаётганга ўхшайди.
— Бундан бирор нарсани ўқидингизми? — яна сўради Палмер.
— Фақат унинг амалий алоқаларига доир материалларини ўқидим. Сўнг уларни умумлаштириб, жилдга қистириб қўйдим.
— Жуда соз.
— Юлдузчалар билан белгилаб қўйилган компаниялар — Лумис бошқа қизиқмай қўйган корхоналар ва инқирозга учраган фирмалардир.
— Жуда яхши, — деди Палмер.
— Агар сиз ушбу варақни кўздан кечирсангиз, ҳозирги пайтда Лумиснинг жуда сустлигига ишонч ҳосил қиласиз. Унда ҳозир бор-йўғи ўнтача мажбурият бор, холос.
— Мажбуриятларнинг бажарилишида у фаол иштирок этмаяптими? — сўради Палмер.
Мисс Клэри «йўқ» дегандай бош чайқади.
— Менинг танишимга яхши маълум ва мен ўзим буни бошқа манбалардан текшириб кўрдим, мистер Лумис ўз диққат эътиборини «Жэт-Тех интернэшнл» фаолиятига қаратган.
Палмер тушунарли дегандай бош ирғаб қўйди:
— Ўзини «Жэт-Тех»га бахш этиш — бу саккизоёқ билан қўл тўпи ўйнаш дегандай гап.
Виржиния Клэри Палмер олдида турган қоғозларга ишора қилгандай иягини сал кўтарди.
— Агар сиз иккинчи варақни кўздан кечирсангиз, унда барча филиалларнинг тўла рўйхатини топасиз.
Палмер жилдни стол устига — ўз олдига қўйди-да, Виржиния Клэрига тикилиб қаради.
— Тан олишим керакки, лаёқатли сўзининг асл маъносини чинакамига энди тушуниб етдим.
— Ташккур, — деди қисқа қилиб мисс Клэри.
— Бу охир-оқибат бизнинг бевосита мажбуриятимизга кирмайди, — давом этди Палмер, — мен сиз тайёрлаган материални назарда тутаяпман. Мен уни бизнинг кредитлар бўлимимиз орқали талаб қилишим керак эди.
— Агар сиз унга бир ярим ой сарфлашни лозим топсангиз, албатта, — таъкидлади мисс Клэри.
Эрталабдан бери энди бир-бирига жилмайиб қўйишди.
— Лекин мен Лумисга бир ярим ойдан кейин эмас, бугун телефон қилмоқчиман, — деди Палмер ва фирмалар рўйхатини кўздан кечира бошлади.
— Улардан айримлари менга бутунлай номаълум.
— Мен ҳам барчасини билмайман, лекин...
Палмер ичида фирмаларнинг номини ўқий бошлади.
— Уиллингтон корпорацияси «Жэт-Тех индастриз» — бу уларнинг марказими?
— Менинг билишимча, ҳа.
— Бинобарин, «Жэт-Тех интернэшнл» шоҳобча бўлиб, бутунлай унинг тасарруфидадир, — фикр қилди Палмер. — Демак, у ракета двигателларини тайёрловчи «Хай траст мэнюфэкчеринг» корпорациясини ҳам назорат қилади. «Консолидэйтед энержи» компанияси-чи? Улар нима тайёрлашади?
— Юксак фаолиятли қоришма, — тушунтирди мисс Клэри. — Қаттиқ ёқилғи, суюқ кислород, батареялар. Кенг истеъмолчиларга мўлжалланган маҳсулотлар ҳам тайёрлайди, жумладан, қўл фонарлари учун батарейкалар ва автомобил аккумуляторлари.
— Уйғунликни қаранг, — деди Палмер, — «Консолидэйтед» компанияси «Хай траст» ракеталарига ёқилғи беради. Шу ерда микрореле тайёрловчи яна бир шоҳобча пайдо бўлади. Тағин нима ишлаб чиқаришади?
— Транзисторлар, диодлар, конденсаторлар ва ҳоказо...
Палмер рўйхатни кўздан кечиришда давом этди.
— Мана бу филиал эса, — деди у, — ёзув ва ҳисоблаш машиналари ишлаб чиқаради. Улар Германия ва Италиянинг электрон-ҳисоблаш аппаратлари ишлаб чиқарувчи фирмалари билан ҳам ҳамкорлик қилишади.
— Атом реакторлари учун автомат ускуналар ишлаб чиқарувчи компания акцияларининг қирқ беш фоизи уларга тегишли.
— Мана, ниҳоят, фақат атом ишлари билан шуғулланувчи фирмага ҳам етиб келдик, — гапни илиб кетди Палмер. — Мазкур фирманинг фаолиятига бевосита Уиллингтондан раҳбарлик қилишади. Айтинг-чи, ҳозир улар Оук Рижда бирор нарса қилишяптими?
— Йўқ, у ерда «Юнион карбайд» фирмаси ишлаяпти.
— Демак, улар ҳозир Вашингтонда ёки Нью-Мексикода нимадир қилишяпти. Яна қанақа фирмалар бор? Ракеталар ва ер усти таянч нуқталари учун ускуналар. Мана, алюминий ишлаб чиқарувчи корхона. Бу корхона Чили ва Перуда рух ва мис тармоқлари акцияларига эгалик қилувчи компанияга қарайди. Кариб денгизи минтақасида боксит, уран, нефть қидирув ишлари ҳам унинг тасарруфида. Луизианада олтингугурт ишлаб чиқариш. Алкуппада асбобсозлик заводи. Кантонда каучук. Бёрнбанкда транзистор жиҳозлари заводи, Такомда ёғоч тайёрлаш... Ий-е, буниси нима? Наҳотки велосипедлар?
— Нега ҳайрон бўлаяпсиз?
— Велосипедлар, — деди у ўйга толиб. — Бироқ, «Координэйтед уэстерн энд юнайтед компани» номи остида нима яшириниб ётибди, жин урсин?
Мисс Клэри ўйланиб қолди.
— Ўйлашимча, — деди у, — улар ғарбий штатлар учун мўлжалланган турли моллар ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга уринаяптилар.
Палмер мамнун ҳолда жилмайиб ҳужжатлар жилдини ёпди.
— Жуда яхши, мисс Клэри, — деди у, — тан беришга тайёрсиз деган умиддаман.
— Таърифга сўз йўқ...
— Буни тайёрлаш учун қанча вақт кетди?
Мисс Клэри елка қисди:
— Булар ҳаммаси урушдан сўнгги йиллар маҳсули. Аниқроғи 1952 йил маҳсули. Ўшанда Лумис гуруҳи яширин олиб борилган курашдан кейин ҳокимиятни қўлга олдилар...
— Сиз яна 1952 йилги воқеалардан айримларини эсдан чиқараяпсиз, — деди Палмер. — Кореядаги уруш ва Эйзенхауэрнинг президент бўлиб сайланиши сингари арзимас воқеалар... — Палмер тағин жилдни очиб, машинкада кўчирилган хабарни кўздан кечира бошлади. — Мен билишни истайман, — деди у, — ушбу салтанатнинг қандай қисми фақат қоғоздагина мавжуд. Ушбу бирлашмалардан айримлари фақат солиқ тўлашдан қутулиб қолиш мақсадида тузилмаганмикин? Балки уларни ишга тушириб юборишгандир. Умуман «Жэт-Тех индастриз» мавжудмикин?
— Ҳа, қанийди мавжуд бўлса, — деди Виржиния Клэри. — Бизда шу компаниянинг акциялари шу қадар кўпки, улардан Марсгача йўл солса бўлади.
— Ростдан ҳам шунақами? — ўйлаб қолди Палмер. — Биз «Хадсон траст» билан бирлашганимизда бу акцияларни мерос қилиб олмадикми, ишқилиб?
— Мен буни аниқ билмайман, — жавоб берди мисс Клэри. Фақат шуни айтишим мумкинки, биргина «Жэт-Тех» фирмасининг қоғозлари билан бош бошқармада вице-президент ёрдамчиси ва икки ходим шуғулланмоқда.
— Эҳтимол, сиз банк ишига унча яхши тушунмассиз, — деди Палмер, Виржиниянинг бамайлихотир ўтирганини кўриб, — лекин муҳим қисмлар тафсилотига жиддий эътибор бераркансиз.
— Мен олдин айтганимдай, уни яхши тасвирлаш учун мушук бўлиш шарт эмас, — такрорлади мисс Клэри.
Палмерга бу аёлнинг унинг нигоҳидан кўзини олиб қочишини томоша қилиш ёқарди. Унинг йирик кўзлари Виржиниянинг юбкаси этагини диққат билан кузатар, кейин секин сирғалиб пастга, тиззаларига тушарди. Палмер унинг ингичка тўпиқларига текис туташиб кетувчи думалоқ болдирли хушбичим оёқларига эҳтирос билан билан қаради. Тиззаларини маҳкам жипслаштириб турибди. Палмер унинг пошнаси гиламга ботиб турганигача эътибордан қочирмади.
Виржиния Клэри ўрнидан турди. Унинг бўйи сал ўсинқирагандай кўринди. Палмер ҳам қалқди, нега шундай қилганини ўзи ҳам тушунмай, назокат юзасиданми ёки унинг бўйини ўзининг бўйи билан солиштириш учунми.
— Ҳарҳолда, сидқидилдан қилган ишингиз учун сиздан миннатдорман, — деди Палмер.
— Бу муаммоларингизни ечишга ёрдам беради деб умид қиламан. — Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. — Энди Жо Лумисга телефон қилсангиз бўлаверади.
— Ҳа, албатта.
— Балки яна бирор нарса керакдир?..
— Йўқ. Раҳмат сизга.
— Майли, — деди Виржиния, — ундай бўлса мен ўз хонамга кетдим.
— Яна бир бор катта раҳмат сизга, — деди Палмер ва чаккаларига қон қуйилаётганини ҳис этди.
У лабларини маҳкам қисиб, олдинроқ юриб борди-да, мисс Клэрига эшикни очиб берди. Сўнг унга қарамасликка ҳаракат қилиб, сал энгашди. Бугун қараб олгани етар.
Виржиния ёнидан ўтиб, ташқарига чиқди, ундан енгилгина ифор ҳиди қолди, Палмер унинг қандай атир эканлигини ҳам илғай олмади. Мисс Клэри даҳлиздан ўтиб, бурчакка бурилди-да ғойиб бўлди. Палмер эса эшикни ёпиб столи ёнига қайтди ва ўрнига ўтирди. Сўнг интеркомга қаради ва «Элдер» ёзувли тугмачани босди. Яшил чироқ ёниб, микрофондан овоз эшитилди:
— Лаббай?
— Гарри, Палмерман! Бўш вақтингиз борми?
— Ҳа. Айтаверинг, — деди Гаррисон Элдер дўрилдоқ овозда.
— «Жет-Тех» ҳақида нима дея оласиз?
— Йигирма бешта сўздами ёки ундан ҳам қисқароқ бўлсинми? — деди Элдер кулиб.
— Уларнинг биз билан алоқасини қандай баҳолайсиз?! — қатъий сўради Палмер.
— Буни ҳозир айтиш қийин. Одатда Пол Жерати улар билан ишни ўзи олиб боради. Ўшанда ҳисоб-китоб «Хадсон траст» орқали қилинарди. Гуноҳларини тангри ўзи кечирсин.
— Ўша гуноҳлари қанча эди? — сўради Палмер.
— Уларга ўз ишларини турли корпорациялар номи билан амалга оширишга имкон беришарди. Бу корпорациялар уларнинг рўйхатида бор.
— Шунақами? Бунинг эвазига калтакни ким ейди, бизми?
— Ўша калтаклар бизга фойда келтиради, — эътироз билдирди Элдер. —Мен бу ишга ҳеч қачон аралашган эмасман. Зарурати бўлмаган. Агар хоҳласангиз, йигитларимдан биттасини бу ишга жалб қиламан. Бир ҳафтада уддалайди.
— Сизнинг шахсий билимли фикрингиз қандай?
Элдер яна кулди:
— Ҳозир ким ҳам ўзини билимли деб ҳисоблай олади, жин урсин? Майли, келинг, таҳлил қиламиз. Асосий компания банк жараёнларини Делавэрда амалга оширади. «Жет-Тех интернэшнл» ўз корхоналарини такомиллаштириш учун биздан кредитлар олди. Бундан ташқари, биз шўъба компаниялар билан ҳисоб-китобларда воситачи сифатида қатнашамиз. Ва, албатта, барча акция муомалаларида биз вакил сифатида қатнашамиз...
— Гарри, мен баъзи нарсаларни аниқлаштирмоқчиман. Бизнинг улар билан муомаламиздаги жараёнларнинг умумий миқдори...
— Биз «Континентал экуипмент» бўйича уларнинг қарзини уздик, — деди Элдер. — Умуман, биз уларга саккиз юз миллион ўтказдик...
Орага узоқ жимлик чўкди. Элдернинг сўнгги сўзлари улкан хонани тўлдириб юборгандай бўлди.
— Вудс! — бақирди Элдер. — Алло, Вудс!
— Раҳмат, Гарри.
— Бу фақат тақрибий рақам.
— Тушунаман.
— Балки мен уни йигирма беш фоизга ошириб юборгандирман.
— Бироқ умумий манзара менга тушунарли, — деди Палмер. — Ҳатто сиз йигирма беш фоизга ошириб юборган бўлсангиз ҳам. Ҳар ҳолда «Жет-Тех» бизнинг барча амалий муомалаларимизнинг камида беш фоизини ташкил этади. Агар сиз кам томонга адашган бўлсангиз ҳам уларнинг улуши бу жараёнларнинг ўн фоизини қоплайди, шундайми?
— Ҳа. Улар билан амалиётимизнинг ҳажми тахминан шундай, — рози бўлди Элдер.
— Бошқача айтганда, улар бизнинг энг йирик мижозларимиз.
— Ҳа, албатта.
— Яна бир бор ташаккур, Гарри.
— Фойдам текканидан хурсандман.
Палмер бир муддат интерком тугмачаларига қараб, қимир этмай ўтирди. Кейин стол устидан чўзилиб, кечаги кун белгилари қўйилган варақларни олди, улардан бирида қайд қилинган Лумис телефони рақамини топди. Сўнг телефон гўшагини кўтарди-да, кўрсатилган рақамларини терди.
— Мистер Лумис? — деди Палмер. — Вудс Палмер гапираяпти.
Гўшакда кекса кишининг овози эшитилди:
— Афсуски, мистер Лумис шаҳарда йўқлар. У душанба куни қайтиб келади. Мен унинг котибиман, жаноб Палмер. Мистер Лумис учун бирор хабар қолдирасизми?
— Мистер Лумисга мен телефон қилганимни айтинг.
— Хўп бўлади.
Палмер гўшакни қўйди. У кафтлари намиққанини ҳис қилди. Ўзини босишга уринди. Айни пайтда шундай бўлганидан ўзида қандайдир енгиллик сезди. Аслида, ҳозир кекса Лумисга нима дейишини ўзи ҳам билмасди.
Палмер ўрнидан туриб, ойна олдига борди. У бугун эшитган маълумотлар устида бош қотиришга уринди. Бу ерда нимадир қовушмаяпти, ўйлади у. Лумис ўз пули сақланаётган ўша банкка нисбатан содиқ бўлиши керак эди. Моддий жиҳатдан манфаатдор бўлмаган жамғарма банкига эса холис бўлиши даргумон.
Палмер дераза олдида туриб «Плаза» меҳмонхонаси ёнидаги айлана арғимчоққа қаради. Доира айланиб, бир оз олдинга силжиди. Ёш йигит ва қиз келиб арғимчоқларнинг биринчисига ўтиргач, у юриб кетди.
Қизнинг кийими қизил, сочлари қора эди. Бу Виржиния Клэри бўлса-чи, ўйлади Палмер. Лекин шу заҳоти бу фикридан қайтди.


Ўн еттинчи боб

Кекса официант тушликдан сўнг столдан идиш-товоқни йиғиштириб олди. Оромкурсига ястаниб, Палмер қариянинг ювиладиган идишларни аравачада олиб кетаётганини кузатди. Нега бунақа кўч кўтариб юриш хотинидан кўра ўзининг ғашига кўпроқ тегаётгани ҳақида ўйлаши биринчи бор эмас. У сигарета чекди, унинг олови ва тутуни панасида қаҳва қуяётган Эдисга назар солди.
У ҳамишагидек ишчан кўринишда. Турмакланган сочининг ҳар бир толаси силлиқ таралган. Бугун кўзларини одатдагидан кўпроқ бўяган, улар катта ва ифодали кўринаяпти. Юзининг териси жилосиз ва майин. Ҳозир Эдисни кузата туриб эсига тушди, эрталаб унга қўпол муомалада бўлди.
Гап нимада? — ўйлади Палмер. Нега у хотинидан ҳамиша норози? Эдис нима қилмасин кўнгилдагидек бўлмайди, нега? Ё у хотинини яхши билиб олди, энди уни қизиқтирмай қўйдими?
Эдис эри уни кузатаётганини сезди, бошини кўтарди, кўзлари тўқнашди.
— Сенга қаҳвами? — сўради Эдис ва яхшилаб тўлдирилган финжонни узатди. — Ҳозир нима ҳақда ўйладинг?
— Ҳеч, ўзим шундай.
— Мен эсам, ўша «ҳеч» деганинг бунчалик теран бўлади, деб тасаввур ҳам қилмагандим, — деди Эдис.
— Мен, билсанг, — деди Палмер ҳеч бўлмаса сал-пал ростгўй бўлишга интилиб, — бугун кўринишинг жуда чиройли, деб ўйладим.
Эдиснинг қўй кўзлари катта-катта очилди. Хонанинг сунъий ёруғида улар кулранг кўриниб кетди.
— Фақат тўқима, азизим, — деди Эдис. — Сен менинг «расмий» кўринишимга баҳо бердинг, шундаймасми?
— Йўқ, — жавоб берди Палмер.
— Унда сен, балки уйдаги шунча ташвишлардан вақт топиб, ўзига қарашга қандай улгурган экан, деб ҳайрон бўлаётгандирсан?
— Бу ҳам хаёлимга келгани йўқ.
— Майли, агар билишни истасанг, билиб қўй: бугун биз биргаликда уйда ўтказаётган биринчи кеча. Бутун ҳафта мобайнида биринчи марта, шекилли? Шунинг учун ҳаракат қилдим.
— Жуда хурсандман, — деди Палмер, бу ёлғонни ҳам қабул қилармикин, дея ўзича фол очиб.
— Майли қўявер, қаҳвангни ич, — Эдис бир оз жим қолди, кейин секингина айтди: — Бугун эрталаб кўз ўнгимда жуда даҳшатли воқеа юз берди. Ишчиларимиздан бири ҳавозадан йиқилиб тушди.
— Қаттиқ лат едими?
— Синган жойи йўқ, лекин уста уни уйига жўнатиб юборди. Мен табиб кўрсин, деб туриб олдим, уста ўзим ғамхўрлик қиламан деб ваъда берди. Лекин мен буни қандай қилиб текшираман?
— Ахир, у суғурта қилинган
— Мен буни айтаётганим йўқ, Вудс, — эътироз билдирди Эдис. — Авваллари мен бундай ҳодисалар фақат катта қурилишларда, осмонўпар биноларни тиклашда юз бериши мумкин деб ўйлардим. Лекин бу нарса шундоққина ўз уйингда юз берса, одам ўзини йўқотиб қўяркан.
— Бахтсиз ҳодисалар истаган ерда юз бериши мумкин.
Эдис хўрсинди ва қўлини Палмернинг сигаретасига чўзди.
— Гап бундамас, азизим, — деди у. — Лекин мен ҳалиям ўзимга келолмаяпман.
Палмер гугуртни ёқиб, Эдиснинг сигаретасига тутди.
— Юрагингга яқин олаверма. Эртами, кечми, ҳаммамиз шунга кўникиб кетамиз. Ахир, сенга ўша ҳавозадан йиқилиб тушган ишчичалик ёки машина босиб кетган болачалик ёхуд Сентрал-паркда йигитлар зўрлаган қизчалик оғриқли эмас-ку.
Эдис пешанасини тириштирди ва сигаретасининг сўниб бораётган чўғига қаради.
— Биласанми, менинг шундай яшагим келади, токи атрофимда шундай қўпол зўравонликни кўрмасам дейман. Бу ерда, Нью-Йоркда ҳар қадамда шундайларга дуч келасан.
— Сен ўзга шаҳарларда бутунлай бошқача деб ўйлайсанми?
Эдис унинг фикрини рад этгандай, қўлини силтади.
— Фақат ўз ҳақимда гапираётганим йўқ, бунинг болаларга қандай таъсир қилиши мени ташвишга солаяпти.
— Улар ҳар қандай ўзгаришларга мослашиб кетишади, — деди Палмер енгил киноя билан. — Сен бўлсанг, ҳечам ўрганолмаяпсан.
Эдис эрининг гапини тасдиқлаб бош ирғаб, уни ҳайрон қолдирди.
— Ҳа, ҳали кўникканимча йўқ. Вақти билан ҳаммаси ўтиб кетади, лекин тан оламан, бу мени сира қувонтирмайди. Мен Жеррига ўхшаб ўн бир ёшда эмасман, қирқни уриб қўйдим. Бу ёшда кутилмаган ўзгаришларга кўникиш жуда қийин.
— Бахтимизга сенга ўттиз учдан ошиқ бериш қийин, шундаймасми?
— Бугун эрталаб менга қарашингдан асло унақага ўхшамайди.
— Бировнинг ўйини ўзгача талқин қилиш истаги туғилса, бу бошқа гап, мен...
— Нима бўлганда ҳам, — унинг сўзини бўлди Эдис. — Энг ёмони шундаки, биз Нью-Йоркда ҳеч кимни билмаймиз. Янги танишлар орттириш истиқболи эса мени қизиқтирмайди.
— Бироқ биз жуда кўплаб ҳар хил одамлар билан учрашамиз, ҳатто ҳаддан ташқари кўп, дейиш мумкин.
— Бу расмий ташрифлар, холос, — жавоб берди Эдис. — Бизни турли сабабларга кўра таклиф қиладилар. Кўпроқ қандайдир умумий танишлар орқали, албатта. Уйимиз тайёр бўлмагани учун ҳозир биз таклиф қилолмаяпмиз. Ҳали биз ҳам даъват қиламиз, албатта.
— Бу ернинг одамлари бизнинг чикаголик дўстларимиздан фарқ қилмайди.
Эдис нафасини ростлаб олди:
— Дўстлар — барибир, дўстлар-да. Биринчи учрашаётган одамларимиз эса ҳали дўст бўлолмайдилар. Ҳарҳолда мен шундай деб ўйлайман.
Палмер ўзининг ҳали ичилмаган қаҳвасига қараб, столдан турди:
— Мен қаҳвани ўзим билан олиб кетаман. Лекин ҳайронман, Нью-Йоркка нисбатан қанақа хусуматинг бор?
Эдис индамасдан чоғроқ хонага йўл олди. Бу хонани меҳмонхона маъмурияти кутубхона деб атарди. Иккита оромкурсининг чангини қоқиб ташлаб, уларни столга яқин сурди, стол устидаги китобларни олиб ташлаб, чизмаларни ёйди.
— Наҳотки, биз яна уйнинг таянч деворлари ҳақидаги масалани муҳокама қиламиз? Хўш, мен ўзимнинг янги хонамда нима қиламан? — сўради Палмер. — Агар шундай бўлса унда мен...
— Бу масалани мен бугун ҳал қилдим. Соат иккида ҳаммаси ҳал қилинган эди, — кескин бўлди унинг сўзини Эдис. — Эртага сенинг хонангни сувоқ қилишади.
— Яхши. Хўш, бугун кечқурунги кун тартиби қанақа?
Эдис столлардан бирига оҳиста ўтириб, чизмаларни диққат билан кўздан кечирди. Ғамгин бир нарсани кўргандай лаблари буришди.
— Вудс, — деди Эдис, — бу ёққа ўтир-чи.
У ўтирди ва финжонни ликопчаси билан чизманинг устига қўйди.
— Мен кулгили сиймо эмасман, — деди у, — ва менга бундай муомала қилишларини истамайман.
— Нега энди сен?..
— Мен кулги бўлиш қанақалигини яхши биламан, — давом этди у Палмернинг сўзини бўлиб. — Ҳали ўсмирлигимдаёқ буни бошимдан ўтказганман. Мен ўз тенгқурларим орасида узуноёқ найнов эдим. Лекин жамоатчилик орасида пайдо бўлганимнинг биринчи йилиёқ менинг устимдан кулмай қўйишди. Ва мен ўзимга бундай муомала қилишларига қатъиян қаршиман.
— Мен умуман сени кулгили деб ҳисобламайман, — ишонтирди уни Палмер.
— Сенинг кун тартиби тўғрисидаги заҳарханда танбеҳинг-чи? Мени тушунмади деб ўйлама. Ташкилий ишларим сенга ёқмаётганини мен яхши тушуниб турибман. Лекин буни мен қилмасам, ўзинг шуғулланишингга тўғри келади ва бу сенга ёқмаслиги турган гап. Мен сен учун бирор нарса қилаяпманми, бари сенга маъқул эмас, тўғрими?
— Ҳа, қувноқ эмас, фақат бир шарт билан: агар мен чиндан ҳам сени шундай аҳволга қўйган бўлсам. Лекин гап шундаки, бунақа нарсанинг ўзи йўқ.
— Шундай ҳовриқмайдиган вазминлиг-у, бирдан мана бундай ғайриоддий ички зиддиятлар мажмуи, жуда қизиқ-а, тўғри эмасми?
— Мен суҳбатимизни жон-жон деб давом эттираман, фақат нимани назарда тутаётганингни тушунтириб берсанг бас, — совуқ жавоб қилди Палмер.
Эдис қаҳвали финжонни нарироқ сурди-да, бир муддат уйнинг томи чизмаси билан андармон бўлди.
— Сен Хаина Керд ишлаган ҳайкални ўз хонангда қолдириш ниятидамисан? — сўради Эдис. — Агар қолдирмасанг, мен уни анави бурчакка жойлаштираман. — Эдис Палмерга ўгирилди ва кулиб қўйди: — Мен яна баҳс бошлаш учун сўраётганим йўқ, фақат мен шифтни ўйдиришим учун айтаяпман. Ахир, кейинги ҳафта электр симини ўтказа бошлашади.
— Мен бу ҳайкални ўз хонамда қолдирсам дегандим.
Эдис яна чизмалар устига энгашди.
— Мана бу девор бўйлаб замондош рассомларнинг тасвирларини илишимиз мумкин, натюрмортлардан ташқари, розимисан?
Палмер кўзларини қисиб, чизмаларга диққат билан тикилди.
— Мана бу нима, даҳлизми? — сўради у.
— Даҳлизнинг бир қисми, — жавоб берди Эдис. — Мана бу, даҳлизни бўлиб турадиган девор. Қарши эмасмисан?
— Йўқ.
— Констебл чизган расм, онамнинг совғаси, мана бу ерда осиғлиқ туради, — давом этди Эдис. — Энгр эса нариги деворда. Шу расмлар теварагида кенггина бўш жой ҳосил бўлади. Бинобарин, уларга ҳеч нарса халақит бермайди. Мен Эрнстнинг полотносини бошқа барча модернчи рассомлар асарлари ёнига илишни истардим. Уни мана бу ерга илиб қўйсак-чи?
— Жуда соз.
— Натюрмортлар ошхонага илинади. Майлими?
— Майли.
— Гравюралар бошқа хоналарга мўлжалланапти. Фраскони билан Пирсни меҳмонлар хонасига илсак бўлар, а?
— «Балиқ ови» гравюрасидан бошқасини. Уни мен ўз хонамга қўймоқчийдим, — қайд этди Палмер.
Эдис яна унга ўгирилди:
— Яна нима гуноҳ қилиб қўйдим? Нима билан иззат-нафсингга тегиб кетдим? Шу пайтгача менда: буларнинг ҳаммаси сенинг жонингга тегиб кетди, зерикарли бўлиб қолди, деган тасаввурда эдим.
Палмер ўрнидан турди:
— Эдис, буларнинг ҳаммаси нимани англатишини мен билмайман, лекин шуни айта оламанки, ҳаммаси жонимга тегди. Етар энди.
Эдис хонанинг қоронғи бурчагига тикилганча жим қолди. У ўйчан бош чайқади:
— Ҳа, сен ҳақсан, Вудс. — У Палмернинг бошидан оёғигача қараб чиқди-да, қўшиб қўйди: — Вудс, буларнинг замирида нима ётганини мен ҳам билмайман. Кел, мен билан бир оз ўтир; менга бир оз ёрдам бер, майлими? Мен бошқа бундай қилмайман.
Палмер тағин ўтириб, қаҳва ича бошлади. Уларнинг тепасида осилиб турган электр чироғи столга ва тўшамага доира шаклида доғ тушириб турарди. Қаҳвали финжонда кичкинагина сариқ учқун ўйнарди, Эдиснинг малла соч уюми эса, унинг юзига соя солиб турарди.
— Менинг ички зиддиятларим мажмуи ҳақида гапирганда нимани назарда тутдинг? — сўради Палмер, босиқ гапиришга уриниб.
Эдис сезилар-сезилмас елка қисди.
— Менда шундай таассурот вужудга келдики, — жавоб берди Эдис ҳам ўша оҳангда, — сен аслида жуда мураккабсан. Мен эса ўша оддийман. Сен одам кўзини шамғалат қилишга устаси фарангсан, мен эса бундай қилолмайман.
— Нималар деяпсан ўзи? — қатъий сўради Палмер.
— Биз никоҳдан ўтганимизда сен бутунлай бошқача кўрингандинг, — деди Эдис секин овозда. Шунда Палмернинг миясига у гапимни эшитмасин деган фикр келди. У ўтирган жойида сал олдинга энгашди. — Сен мен билган ўсмирлардан анча фарқ қилардинг. Ўзингни эркин тутардинг, мақтанчоқлик қилмасдинг. Сен бошқалар калака қилмаганлар устидан кулардинг. Учта коллежни алмаштирганинг билан шуҳрат қозонгандинг. Шарқий соҳилда яшаган пайтингда бир қиз билан ораларингда бўлган воқеалар ҳақида гапиришарди.
Эдис жим қолди. У худди кўзбойлоқчи сингари қўлини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ағдарарди, енгининг игнатугмасидаги тош ялтираб кетарди.
— Лекин, шуларга қарамай, сен барибир менга мураккаб шахс бўлиб кўринмагандинг, — яна гап бошлади Эдис. — Сен ўшанда мураккаб эмасдинг... Кейин Хэнли ҳалок бўлди.
Палмер бош ирғади:
— Сен бу ҳодисанинг аҳамиятини тўғри ҳис қилдинг.
— Лекин ўшанда ўзгариш бирданига юз бергани йўқ. Ҳатто армияда, таътил ва сафарга келганингда ҳам кўп жиҳатдан ҳамон олдингидай эдинг. Европада қанча вақт бўлдинг? Икки йилми?
— Бир ярим йил.
— Ўша Европадан қайтиб келганингда, сенда ўзгариш юз берганини сездим. — Эдис эрига қаради. — Банкда Хэнлининг ўрнини эгаллашга сени ҳеч нарса мажбур қилгани йўқ. Отанг ҳам бу ҳақда сўрамаган эди.
— Унда бунинг учун зарурат йўқ эди.
— Демак, биринчи зиддият, — деди Эдис. — Биринчи, шундан кейин кўплаб бошқалари содир бўла бошлади. Вудс, сенда бутунлай алоҳида бир нарса бор. Мен фақат эндигина тушуна бошладим. Қанчалик фарқ қилишингни...
Палмер жумланинг тугашини кутмай, уни ўзи тамомлашга шошилди:
— Бошқа оддий одамларданми?
Эдис ғалати илжайди:
— Мен фақат саволингга жавоб беришга ҳаракат қилаяпман. Бу унчалик осон эмас, айниқса, унга ҳожат бўлмай турганда.
— Унда жавоб бериш шарт эмасди, — таклиф қилди Палмер.
Эдис бош чайқади:
— Мана шу зиддиятлар бу йил кескин кучайди. Отанг ўлганидан сўнг банкни сотдинг. Шундан кейин бунақа бўлиши турган гап эди. Мен буни билишим керак эди. Лекин мен ўшанда сенинг янги лавозимга кўтарилишингни олдиндан билолмасдим. Сен худди ўз отангни тирилтираётганга ўхшайсан, ҳаммасини янгидан бошлаяпсан, бу сафар Нью-Йоркда қилаяпсан бу ишни.
Палмер оромкурсига суянди, жавоб бермасликка уринди. Шахсий ишлари ҳақида хотиржам, оқилона гаплашишса ҳам бўларди. Лекин Эдис шахсий хайрли оқилона суҳбат ниқоби остида унга шафқатсиз ҳужум бошлар экан, энди бу бутунлай бошқа нарса.
— Эдис, сени тушунолмаяпман.
— Биласанми, сен ўзаро муносабатларнинг яна ўша доирасига тушиб қолаяпсан, — деди Эдис, — Бэркхардт ҳам худди отанг сингари ҳукмрон ва мустабид ахлоққа эга. Бу ерда, Нью-Йоркда, сен худди Чикагодагидек яна бахтсизсан.
Палмер яна ўзини тутди.
— Нега мени бу ерда бахтсиз деб ўйлаяпсан? — сўради у бепарво оҳангда.
— Буни мен ўзингни тутишингга қараб айтаяпман. — Эдис унга қараб, бармоғининг совуқ учини Палмернинг чаккасига теккизди. — Жаҳлинг чиқмасин, азизим, мен ахир... Эдис унинг юзидан кўзидан олиб қочди. — Лекин сен ўйлаётгандирсан... — Унинг овози асабий ва бўғиқ жаранглади. — Сен ўйлайсанки, буни мен сенинг ғашингга тегиш учун, баттоллигимдан қилдим, — У жим қолди, унинг жавобини кутарди. — Шундай-ку, ахир?
Палмер тили билан қуриб қолган лабларини ялади, ўзини қисувга олган тангликдан бўшашга уринди.
— Сен ҳеч ўйлаб кўрмадингми, одам ишга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳам бахтсиз бўлиши мумкин-ку? — сўради у хотинидан хотиржам оҳангда.
— Ўйлаб кўрдим, — жавоб берди Эдис, қаҳвали финжонини қўлига олди-да, бир-икки ҳўплади. — Эҳтимол, биз яшаётган мана бу бемаъни отель бунга сабабдир. Балки ушбу шаҳар боисдир. Ёки ноқулайликлар. Кўриб турибсан-ку, сабаблар сон-саноқсиз.
— Бироқ, шу сабаблардан ҳам энг олисларини ва фрейдчаларини санадинг, — деди Палмер.
— Сен афтидан бу сўзларни синонимлар деб ҳисоблаётганга ўхшайсан? — жавоб қайтарди Эдис.
— Йўқ, сен қандайдир айлана йўллар билан фикрлайсан ва ҳаммасини Фрейдчасига талқин қиласан. Эҳтимол, бу менинг мураккаблигим туфайлидир, — дея қўшимча қилди Палмер.
— Сен соддадиллик ниқоби остига беркинмаяпсанми, ишқилиб? — сўради Эдис.
— Мен уриниб кўраяпман, — дея бошламоқчи эди Палмер, бирдан баҳслашувларининг аҳмоқона эканини тушуниб қолди. — Илтимос, мени тўғри тушун, мен хотиним кўз ўнгида ўз обрў-эътиборимни қандай бўлмасин сақлаб қолишга интилаяпман. Чунки хотиним шундоққина кўз ўнгимда психо¬аналитикка айланиб бораяпти.
Эдис қаҳвани майда қултумлаб ичишда давом этди.
— Майли, сен айтганча бўла қолсин, — деди Эдис ниҳоят. — Лекин битта саволимга жавоб бер. Бу мен шуни билиш ҳуқуқига эгалигим туфайли эмас, йўқ. Аммо муқаддас руҳлар ҳаққи айт: бу иш сенга нима учун керак бўлиб қолди?
Палмер жавоб беришга шошилмади. Эдисга етарли даражада тушунарли бўлиши учун яхшилаб ўйлаб, талқин қилишга тайёрланди. Лекин бу далиллар ростдан ҳам шундайми? У аста нафас олди.
— Ростини айтсам, беш йил мобайнида сездирмасдан Бэркхардт мен билан қизиқиб қолишига йўл қидирдим. Отам ўлишини билардим. Эркин бўлишим билан мустақил ҳаракат қилиш учун тайёр бўлишим керак эди. Натижаси ўзингга маълум.
— О, албатта.
— Энди тескари йўналишда ҳаракат қилиб, урушдан кейинги йилларга қайтайлик. Ўшанда ҳали отам тирик экан, мен банкда ишлашга қарор қилдим. Яна бир оз орқага қайтсак, бу ҳарбий хизмат вақти бўлади. Бу пайтга келиб, менга шу нарса аниқ бўлдики, мен отам ҳукми остидан озод бўлгач, ўзимга янада кўпроқ ёқа бошладим. Сен бундаги уйғунликни кўраяпсанми?
Эдис тасдиқлаб, бош ирғади. Лекин қўлидаги финжон қилт этмади.
— Агар сенга шу нарса тушунарли бўлса, демак, Бэркхардтнинг таклифини нега қабул қилганим ҳам тушунарли бўлиши керак.
— Йўқ, буни мен тушунмайман, — деди Эдис.
Палмер у ҳали ҳам қўлида ушлаб турган финжонга қаради. Финжондаги қаҳва қилт этмасди.
— Сен буни фақат қандай қилганингни тушунтирдинг, лекин у сенга нега керак бўлганини айтмадинг.
Палмернинг қўли худди сассиз чақириқдаги мисол унга талпинди. Наҳотки, одам ўз қилмишларини бошқа бир одамга тушунтиролмайди? Наҳотки, одамлар ўртасидаги муомала шунақа қийин кечади?
— Хўп майли,— деди у. — Кел, бошқачасига тушунтирай: мен отамнинг нусхаси бўлишни истамайман ва ҳеч қачон шундай бўлишга интилмаганман. Отам дунёқараши тор, чекланган одам эди. Агар унинг ҳаётда қандайдир шиори бўлган бўлса, бу, шубҳасиз, «йўқ» дейиши эди. У бутун кун давомида биргина шу сўз билан кун кўриш мумкин деб ҳисобларди. Бу сўзни у хотинига, болаларига, дўстликка, ва ҳатто ҳаётнинг ўзига ҳам айтарди. Отадан нафратланиш мумкин эмасди, чунки нафрат ҳиссиёт эди. Ундан фақат кўпроқ яшаш мумкин эди. Тағин бошқа чораси ҳам бор эди, бунинг учун ўша одамда шундай чорага шундай мойиллик бўлиши керак эди. Хэнли шундай йўлни танлаган эди, самолёти билан қайтиб келмаганди. Менда бундай чорага мойиллик йўқ эди. Тушунаяпсанми, нима деяётганимни?
Эдис зўрға йўталиб қўйди.
— Ҳа.
— Отамдан кўпроқ яшаш учун қандайдир кучли рағбатга эга бўлиш лозим эди. Бу рағбат одамга ҳамиша мадад бериб турмоғи, салбий хусусиятга эмас, ижобий хусусиятга эга бўлиши даркор эди. Урушга қадар менда бундай мақсад бўлмаган. Мен унинг ўғли эдим. Уруш пайтида шунга амин бўлдимки, мен мустақил шахс бўла оламан ва бунинг учун зарур бўлган қобилиятга эгаман.
Палмер жим қолди, айтган сўзларининг таъсирини текшириб кўрмоқчи бўлди. Шу пайтгача қаҳвали финжонга қадалиб турган Эдиснинг нигоҳи бирдан Палмерга қаратилди.
— Қанақа мақсад эди у? — сўради Эдис.
— Фойдали бўлиш, одамларга фойда келтириш, — деди Палмер.
Эдиснинг ингичка, рангпар қошлари чимирилди.
— Энди мен сени тушунаяпман, — тан олди Эдис.
— Отам ўлгач, давом этди Палмер, — унинг ҳамкасблари бўлган юзлаб банкчилар, сиёсатчилар ва ишбилармонлар уни анъанавий эҳтиром билан дафн этдилар. У ўз ҳаётини бурчига садоқат билан хизмат қилишга бағишлади. У ўз ишига ўта садоқатли ва намунали фуқаро тимсоли эди. Сен буларни эшитгансан. Лекин ҳеч ўйлаб кўрдингми, қанчадан-қанча майда муттаҳам қаллоблар отамни нега бунча кўкларга кўтариб мақтайдилар? Бемаъни одамларнинг мақтови ҳар қандай ҳақоратдан ҳам ёмон.
— Лекин у фойда келтирарди-ку, ахир? — эътироз билдирди Эдис.
— Сен у пул берарди демоқчисан-да? — эътироз қилди Палмер.
— Муҳтожларга пул бериш — фойдали бўлиш демакдир...
— Пул бериш — оғизни мойлаб қутулишнинг арзон усулидир, — унинг гапини бўлди Палмер. Бунда одам эмас — унинг чек қоғози иштирок этади.
— Энди мен ҳеч нарса тушунмаяпман, азизим.
— Отам фақат пул берарди,  — Палмер секинроқ гапиришга ҳаракат қилди. — одамларга фойда келтириш учун, чек қоғозини эмас, ўз шахсининг бир қисмини бериш лозим.
— Демак, сен ўз шахсингнинг бир қисмини беришни истайсан?
— Мен нима тўғри деб ўйласам, шуни қиламан, — деди у. — Мен алоҳида шахсман, фақат пул сарфлайдиган банкирнинг ўғли эмасман. Мен фойда келтириш ҳақида гапирганимда шуни назарда тутган эдим. Мана, гап нимада.
Орага жимлик чўкди. Уларнинг ҳеч бири сукунатни бузмади. Эдиснинг юзи ҳис-туйғуларини акс эттирмасди.
— Сен мени тушунаяпсанми? — деди Палмер, — Масалан, сен уйга, қурилишга сарфлаётган меҳнатинг. Сен буни уддаллаяпсан, фойда келтираяпсан, унга ўз шахсингнинг бир қисмини қўшаяпсан.
Эдис унинг юзига қаради.
— Вудс, — деди у секин. — Мен... — У ўйланиб қолди. — Нимагадир сен ҳақсан, албатта. Дарҳақиқат, бу ерда фойда борлиги кўриниб турибди. Ана шу менга завқ беради. Лекин гап бунда эмас. Завқ — бу натижа. Сабаби эса шунда-ки, бу ғаним ва иккиюзламачи шаҳарда мен қиладиган иш йўқ.
— Эдис!
— Мен бу ерда ҳеч кимни билмайман, — давом этди Эдис бўғиқ овозда. — Ҳеч кимни билишни ҳам истамайман. Мен улар учун ҳеч нарсаман. Чикагода ўз обрўйим, салобатим бор эди. Бу ерда эса...
Палмер жимиб қолди. Эдис қаҳвали финжонни унга қараб сурди.
— Ҳарҳолда, — деди у, — бу вақтинчалик қийинчиликлар, уларни енгишга ҳаракат қиламан. Биз уйимизда дўстларни кутиб ола бошласак, ҳаммаси изига тушиб кетади. — Эдис жим қолиб, унинг жавобини кута бошлади.
Лекин Палмер индамай турарди, шунда Эдис яна гапирди:
— Лекин, афсуски, азизим, сен билан юз бераётган нарса, вақтинчаликка ўхшамаяпти.
Палмер афтини буриштирди:
— Бу билан нима демоқчисан?
Иккаласи индамасдан бир-бирига тикилди. Қандилнинг юқоридан тушаётган нури фақат унинг киприклари учларинигина ёритиб турарди, шунинг учун Палмер хотинининг кўзларига қарай олмади. Бундай қийин аҳволда ўзини жуда ноқулай сезди. Палмернинг дилидан нималар кечаётгани эса Эдисга яхшироқ сезилиб турарди.


Ўн саккизинчи боб

Ундан ўнг ёқда турган одам бутун овқатланиш вақтида чурқ этмади ва Палмер бунинг учун ундан миннатдор бўлди. Официант Палмернинг олдига тавозе билан музқаймоқли идишни қўяр экан, у ухлаб қолмадими ишқилиб, дегандек қизиқсиниб индамас қўшнига аста бурилиб қараб қўйди. Палмер бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади — тушлик ҳаддан ташқари зерикарли кечди.
Бу ерда, Нью-Йоркда ишчан учрашувлар билан тўлган қисқа вақт ичида Палмер кам деганда мана шунақа тушликлардан ўнтачасида бўлишига тўғри келади. Уларни икки-уч тоифага бўлиш мумкин. Сиёсий тушликлар деб аталадиганлари маблағ йиғиш учун, шунингдек, ўз ҳиссасини қўшганларга эътиборни жалб этиш учун уюштирилади. Бундай зиёфатларда шахсан иштироклари билан бу одамлар ўзларининг мойилликларини намойиш қилар эдилар. Бироқ республикачилар партиясининг дастурхонларида, айрим истиснодан ташқари, демократлар партияси зиёфатларидаги ўша ишбилармонлар иштирок этар эдилар. Тантанавор тўй зиёфатларига келсак, уларда, ўз-ўзидан маълум, бирон-бир кўзга кўринган шахс фаолияти шарафланар ва алқанарди, бироқ Палмернинг тез орада шунга ишончи комил бўлдики, улар одатда қандайдир бошқа мақсадда, аксар ҳолларда пул йиғиш ниятида ташкил этиларди. Барибир хайрия зиёфатлари ҳам муқаррар равишда қандайдир бошқа, одатда диний мақсад билан, аммо протестант эмас, балки католик дини мақсади билан чатишиб кетар эди. Протестантлар ҳам аллақаерда уларга зарур маблағ тўплаётганлари аниқ, аммо Нью-Йоркда диний маънодаги барча хайрия фаолиятлар асосан католик черковларига ёки яҳудий диний ташкилотларига ёрдам учун гоҳо биронта жамғарма ташкил этишга мўлжалланган бўларди.
Бугунги зиёфат ҳам хайрия зиёфати эди. Палмер хаёл суриб ўтираркан, олдида турган музқаймоқли идишга қараб қўярди. Ўз тажрибасидан у шу нарсага амин бўлган эдики, рангига қараб музқаймоқнинг қаймоқлими, қаҳвалими ё мевалими эканлигини аниқлаш мумкин эмас. Дарвоқе, ҳозир бу ҳақда ўйлаётгани йўқ, Нью-Йорк базму зиёфатларида қанчалик кўп бўлган сайин уларнинг қайси тоифага мансублигини аниқлаш нега шунчалик қийинлашиб бормоқда?
Лоақал мана бу зиёфатни олинг. Расман у Ист Сайднинг энг шарти кетиб, парти қолган маҳаллаларидан биридаги черковга қарашли мактаб фойдасига маблағ тўплаш учун ташкил этилган. Мактабни аллақандай тариқатдаги роҳиблар таъминлаб турарди, айнан қайси тариқат — бу ҳақда Палмер зиғирча тасаввурга эга эмас. Мак Бернс унга, гарчи Вик Калхэйн ўзи ҳеч қачон бу мактабда ўқимаган бўлса-да, мактаб унинг ҳудудида жойлашганини ва у мактабга ҳомийлик қилиши маълум эканлиги ҳақида айтганди. Шундан кейин Палмер мактабни диний-хайрия муассасаси сирасига киритишга уринишларига қарамай, бу барча саъй-ҳаракатлардан сиёсий руҳ анқиб туришини англаб етганди. Гарчанд зиёфатнинг фахрли меҳмони бир вақтлар шу мактабда ўқиган, кейинчалик эса кўчаларни асфальтлаш пудратига дурустгина пул  тўплаб олган бир кимса бўлса-да, зиёфат бошдан-оёқ, дарҳақиқат, хайрия тадбиридан кўра кўпроқ ушбу фахрли меҳмон шарафига уюштирилган маросимни эслатарди.
Палмер калаванинг учини топиб, қайси ришта бу чигаллик марказига олиб боришини аниқлашга ҳаракат қилар экан, заррин уқали, башанг либосдаги официант унинг боши узра чуқур таъзим бажо  келтирди ва аллақачон эрий бошлаган музқаймоқ устидан кўриниши иштаҳани бўғувчи тўқ жигарранг тусли сиропдан нақ бир қошиғини қуйиб юборди. Бу сафар Палмер алдовга учмади. Тўқ жигарранг шоколад рангли сиропнинг шоколадли эканидан зинҳор далолат бермас эди: бу шаҳарда ҳар қанақанги қаллобликни кутиш мумкин эди. Бу қаҳва қуйқаси ёки долчин, мускат ёнғоғи ва бошқа зираворлар қайнатмаси ҳам бўлиши мумкин эди, гўё бўёқ ёрдамида бу одатдаги  қайнатиш ўлимдан қийин бўлган бўтқа эканлигини хаспўслаш мумкиндай.
Палмер зиёфат охирига келиб унинг ускунаси ёнидаги бир гала кумуш идишлар ичидан сақланиб қолган ягона буюм — тўрт ширинлик қошиқчаларидан биттасини танлади ва ўзини куч билан зўрлаб устида бир томчи сироп қотиб қолган музқаймоқдан ўйиб олди. Татиб кўргач, бош ирғаб, худди ўйлаганидек эканини тасдиқлади. Шундоқ бўлиб чиқди — ананасли музқаймоқ ва ёнғоқ сиропи. У идишни нари суриб қўйди-да, сигарета тутатди.
Отелнинг ҳайҳотдай зиёфатлар танобийсига ҳар бири ўн кишилик катта-катта думалоқ столлар қўйилган. Баланд тақасимон балкон танобийнинг ҳар учала деворини қуршаб туради. У ерга ҳам столлар қўйилган, фақат бироз кичикроқлари — тўрт кишилигидан. Узоқ бурчакдаги унча катта бўлмаган супачаларда беш чолғучидан иборат оркестр овқатланаётган хўрандалар бошлари узра камида икки йил олдинги оммабоп куйлардан иборат аралаш-қуралаш қоришмани усти-устига тўккани-тўккан. Официантлар асосий таом — чала қовурилган биқин гўштли қовурдоқни торта бошлаганларида оркестр “Назокатли бўл” қўшиғидан бир неча бандни ижро этди, буни, очиғи, анъанавий ҳазил деб баҳолаш жоиз бўларди. Таклифномада расмий қисмдан кейин рақслар бошланади ва унча катта бўлмаган эстрада саҳна томошаси намойиш этилади деб айтилганди. Конферансье вазифасини шу пайтгача номи сира Палмернинг қулоғига чалинмаган, аммо Виржиния Клэрининг сўзларига қараганда, бир вақтлар “Тоғлар”да анча машҳур бўлган бир қизиқчи бажариши керак эди. “Тоғлар”да? — Палмер ҳайрон бўлиб қошларини чимирганда Виржиния Кэтскиллз ёзги курорти “Тоғлар” деб аталишини тушунтирганди. У ерга одатда ёз ойларида таниқли қизиқчи актёрлар ва эстрада артистларини таклиф этишарди, “ўлик” мавсум вақтида эса иш  йўқлигидан бугунгига ўхшаган зиёфатларда томошалар кўрсатишга мажбур бўлишарди.
Виржиния олтинчи рақамли  столда Гарри Элдер ва бир неча газета шарҳловчилари билан бирга ўтириши керак эди.
Палмер стол рақамларини қараб чиқишга ҳаракат қилди, бироқ ҳайъатдаги жойидан прожекторларнинг чароғон нури остида нимқоронғи танобийда деярли ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Зиёфатдаги одам у Виржиния билан жувоннинг ўз столига қанча керак бўлса, ўшанча виски буюртма қилишига келишиб олди. Палмер кўзларини қисиб, устига камида беш-олтита бўш шиша туриши керак бўлган столни қидириб топиш ниятида танобийни қараб чиқди, бироқ кўп ўтмай қарийб ҳар бир стол узра бутун бир батарея осилиб турганига амин бўлди.
Бошқа фахрли меҳмонлар қаторида Палмернинг аввал-бошданоқ ўзгачароқ, анча шовқинли ва афтидан, зиёфат иштирокчиларининг анча бахтиёр оиласидан ажратиб қўйишган эди, уларни алоҳида хонага ўтқазишганди, у ерда улар спиртли ичимликларга қўл урмай, ўзларининг ҳайъатдаги столдан жой олишлари керак бўлган дақиқани кутиб ўтиришарди. Баъзи мулоҳазалардан кейин Палмер шундай хулосага келдики, бу таҳаммулга сабаб кўп сонли диний назорат вакиллари, сиёсий раҳбарлар ва бошқа ҳурматли шахслар келиши билан боғлиқ эмас экан. Йўқ, уларнинг барчаси кўзларига уриб турган аёвсиз прожекторлар нури остида камида икки-уч соат ўтиришларига тўғри келишини жуда яхши биларди. Хоҳлашса-хоҳлашмаса ичмасдан ўтиришга мажбур эдилар.
Улар ҳайъат столи томон гурс-гурс босиб йўл олганларида ҳар бирларининг миясидан унча таскин бермайдиган биргина фикр кечди: танобийда ўтирганларнинг улардан бошқа деярли барчаси ғирт ширакайф. Миллий мадҳия овози остида бошқалар билан бир сафга бориб тураркан, Палмер мактаб руҳонийси қироат қилган қисқагина дуонинг тугашини кутганча ўзига виски буюргани нигоҳи билан метрдотел1 ни қидирар эди. Қидириши беҳуда кетди: Палмер бу ўтакетган оғир ва узоқ жараён сўнгигача ортиқ бир қултум ҳам ичолмади. Оддий меҳмонлар эса хоҳлаганча мириқдилар, бироқ ҳайъатда тиниқ ва тик боқувчи кўзларини хиралаштирмаган раҳнамолар қадларини тўғри тутиб, намойишкорона ўтиришлари шарт эди.
Палмер худди илма-тешик шарга ўхшаш идиш тагига тобора чўкиб бораётган музқаймоққа қараб қўйди ва ҳайъатни қуршаб олган нимқоронғиликка кўзини ўргатиб олишга ҳаракат қилганча нигоҳини бошқа ёққа олди. Меҳмонлардан аллакимлар столларидан туриб кетишганди, буни у пайқашга муваффақ бўлди. Одамлар столлар оралиғидаги тор йўллардан аста-аста у ёқдан-бу ёққа юра бошлашди, қўл бериб кўришиш ва елкадан қоқиб қўйиш учун дам-бадам эгилар эдилар, гоҳо бир неча лаҳзага тўхтаб олардилар-да, шивирлаб қандайдир луқмалар ташлаб қўярдилар, сўнг янги танишлар билан қўл бериб кўришиш ва шивирлаб луқма ташлаш учун бамисоли қисқичбақадай бир ёнлари билан аста бошқа стол томон сирпанар эдилар.
Кимдир нотиқ минбари олдида турган микрофон четига чертиб қўйди ва танобийнинг барча бурчакларида кескин темир овози бўғиқ садо берди. Микрофон олдида турган киши йўталиб олди ва ёзувли қоғозларнинг бутун бир дастасини шатир-шутир қилиб варақлай бошлади.
— Хонимлар ва... — Шу заҳоти у тутилиб қолди ва керакли сўзни қидириб топмоқчидай шошиб-пишиб варақларни титкилай бошлади. Ниҳоят, ўша сўзни топиб, раислик қилувчи Грорк исми-шарифли калтабақай, тўладан келган бу одам яна томоқ қирди.
— Хонимлар ва жан... — Микрофонгача етиб келиб, танобийда ўрнатилган кучайтиргичлардан икки баравар куч билан янграган узлуксиз қаттиқ кулги овозлари унинг сўзларини босиб кетди. Грорк яна қоғозларни шалдиратди ва ўнг томонида ўтирган қўшнисига ошкора жаҳл билан қараб қўйди. Бу Вик Калхейн бўлиб, ўтирганига қарамай, боши ёнгинасида турган Гроркнинг қарийб қоқ миясидан келиб турарди.
— Дўстлар! — яна тилга кирди Грорк. Бу сўз бамисоли улкан қоғоз юмалоғидек ғира-шира танобийдаги столлар оралиғидан думалаб келди. — Етук ва фахрли меҳмонларимиздан айримларига сўз беришимдан аввал, аминманки, барча ҳозир бўлганлар уларнинг чиқишларини интиқлик билан кутмоқдалар, — шу нарсани айтмоқчиманки, сизларга рабби Бэн Хэйм Фейлбаумни таништиришдек шарафли вазифани бажараётганимдан бахтиёрман, у сизларга қисқача кириш сўзи билан мурожаат этмоқчи.
Танобийда ўтирганлар бу хабарни эшитиб, гувиллаб қўйди, стуллар сурилиб, йўтал товушлари қулоққа чалинди. Столлар оралиғида суяниб тик турган меҳмонлар ўз жойларига қайтишди. Масъулият ҳиссини сақлаб қолганлар эса ўзларининг анчайин серташвиш қўшниларини жим бўлишга ундай бошлашди.
Кўзни олувчи нур тўсатдан рабби Фейтлбаумнинг юзини ёритди, бир қарашда Палмер уни ҳали ўн саккиздан ошмаган ўсмир деб тахмин қилди. Ўз дини қонунларига кўра у соқолини олмаганди, бироқ юзидан эндигина сабза урган мўйлари элас-элас кўзга чалинарди. Лекин унинг оч қирмизи тусли майин жингалак чакка соқолига разм солиб қараркан, Палмер дарҳол аввалги тусмолига яна етти ёш қўшди.
— Меҳрибон дўстларим, — деб сўзини бошлади Фейтлбаум.
Палмер ўз баҳосига зудлик билан яна битта тузатиш киритди, нотиқнинг ўттиздан ошган киши эканига шубҳаси қолмади. “Меҳрибонлар” сўзини бундай мафтункор тавозе билан ирод этиши учун руҳоний одам фақат мана шу ёшга келибгина оилавий нутқларда етарли тажриба тўплай олади. Палмер Чикагодаги авлиё Павел черковининг кекса руҳонийсини эслайди, у “марҳамат” сўзини шундай талаффуз этар эдики, бир унли ўрнига ҳалқумидан сал юқорироқда азбаройи майин қулқиллаб овоз берганидан Палмерга ҳар доим нуроний чол томоғида хамир узмаси тиқилиб қолгандай туюларди.
— Дўстларим, сизлар қайси динга сиғинманг, — давом этди Фейтлбаум, — бугун бу ерга парвардигорнинг кўзга кўринмас нигоҳи остида жонларимиз, сўзларимиз ва аъмолларимиз, ҳа, муҳаббат ва эзгуликка тўлиқ, абадий қардошлик туйғусидан келиб чиққан аъмолларимиз бир-бирига йўғрилиб кетиши учун, руҳий бирдамлигимизда, ўзаро ихлосимизда ва сўнгсиз итоаткорлигимизда барчамиз  қалбларимизнинг энг теран жойигача содиқ бўлган муқаддас ишни байрам қилиш ва шарафлаш учун тўпландик; бу иш тафаккуримизда ҳукмронлик қилади ва ўлмас жонларимизда шу қадар чуқур ва мустаҳкам ўрин олган, дунёвий ҳаётимизнинг айрилмас қисми бўлиб қолган, парвардигорнинг беадад марҳамати туфайли унинг муборак ва олий мақсадларига риоя қилган ҳолда шу ҳаётга содиқ бўлиб қолгаймиз.
Палмер кимдир оёқ учида нотиқнинг орқасидан юриб ўтганини, Катта Викнинг қулоғига эгилганини ва ўз фикрларини маънодор қўл ҳаракатлари билан тасдиқлаганча у билан узоқ шивирлашиб гаплашганини кўрди. Палмер боши узра жойлашган прожектор нури юзини ёритмайдиган даражада хиёл олдинга энгашди ва айни дақиқада ҳамманинг эътибори Фейтлбаумга жам бўлганига ишонч ҳосил қилиб, бир зум кўзларини юмди. У хотирасида нотиқлар рўйхатини тиклашга ҳаракат қилди ва улардан ҳар бири сўзлаши учун қанча вақт кетишини хомчўт қилиб чиқди. Нутқларга камида бир соат кетарди. Палмер хўрсиниб ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади ва гўё ҳамон юмуқ кўзларини паналамоқчи бўлгандай, сигарета тутган қўлини кўтарди.
— ... Сўнмас нуринг билан ҳозирги ва истиқболдаги ишларимизни ўзинг мунаввар эт, — гапиришда давом этарди Фейтлбаум. — Сенинг мурувватинг ва илҳоминг ила бажаришимиз лозим бўлган аъмолларимиз бароридан келгай.
Палмер кўзларини очди ва нотиққа ўгирилди. У Калхэйнга энгашиб, қулоғига алланималарни шивирлаган кишининг оч сариқ қуюқ сочига эътибор қилди. Фақат биргина одамда мана шу рангдаги соч бўлиши мумкин эди — у ҳам бўлса Бернс.
— ... айнан мени, — давом этди Фейтлбаум, — қадимги дин хизматкорини мана шундай буюк ишни деб елкама-елка туриб ўз бурчини адо этиш учун бугун бу ерга чорлаганимиз нечоғли жоиз ва ҳаққоний бўлса, бизнинг аъмолларимиз ҳам шунчалик жоиз ва ҳаққонийдир.
Раввиннинг бошидаги каржсиз қора тақяси унинг нутқига монанд бир текисда чайқалиб, Бернснинг бошини гоҳ тўсар, гоҳ очар эди. Калхэйннинг ўзи хотиржам тусда сукунат сақларди. У кўзларини бир нуқтага қадаб, қимир этмай ўтирарди, Бернс эса ҳамон гапни қалаштириб, нутқини давом эттирарди. Шунга қарамай, Калхэйн каби унинг ҳам лаблари деярли қимирламаётганди.
Раввин нутқини тугатишига Бернснинг тоқати чидамаса, у ёғи қандоқ бўлади, деб ўзидан-ўзи сўрарди Палмер. Бироқ ялт этиб миясига бир фикр келди. У Бернсни ҳаддан ташқари яхши биларди. Бундай вазиятда ҳар қандай майда янги ғийбатлар ҳам нишонга уриши ҳеч гап эмасди. Бернснинг нималар деяётганининг аҳамияти йўқ, далилнинг ўзи муҳим: у неча минглаб томошабинлар кўзи олдида ва мана бундай дабдабаю асъасали бир дамда Катта Вик билан суҳбатлашаяпти.
Ташқи таъсиротлар — бу сиёсатдаги буюк иш, ўйлади Палмер. Бусиз ҳам Бернс Калхэйннинг ишонган одами экани беш қўлдай маълум. Бироқ Калхэйннинг унга яқин бўлган бошқа одамлари ҳам бор эди. Шу боис Бернс бошқа биров эмас, айнан у Катта Викнинг ана шундай ишончини қозонган одам эканини аҳамиятли деб билганларга муттасил эслатиб туриши керак бўларди. Бернс бошқа йиғинларда ҳам шундай томошалар кўрсатганини Палмер илгари ҳам кўрганди. Манзара ҳар доим бир хил бўлар эди — нигоҳини залга тикканча ҳайкалдай қотиб ўтирган Калхэйн. Унинг орқасида — Бернс. Унинг бир қўли Калхэйннинг елкасини қисади, иккинчи қўли билан ишоралар қилади: гоҳ аллақаёқнидир кўрсатади, бир нимани текислагандай бўлади, гоҳ сочиб, ўзидан нари итарса, гоҳ ўзи томон чорлайди. Балерина танаси каби ҳаёт ва ҳиссиётга тўла бу қўл нотиқдан диққатни чалғитиб, бутун залнинг нигоҳини муқаррар равишда ўзига жалб этиб олади-да, натижада ўз мақсадига эришади — ҳаммани бу унча катта бўлмаган, аммо жўшқинликка  тўла саҳнани киприк қоқмай кузатишга мажбур қиларди.
— ... бизлар беадад равишда ишонамиз, эй парвардигор, — дер эди бу орада Фейтлбаум, — сенинг қўлларинг қудратли ва бизларни тақво йўлига бошловчи ҳикматинг барҳақдир.
Залдаги одамлардан бир нечтаси раввиннинг ортидан қадимги яҳудий тилида қироат этилган якунловчи дуо сўзларини такрорлади, бироқ залда кўтарилган шовқин уларнинг овозини босиб кетди: меҳмонлар йўтала бошлади, стуллар сурила бошлади, суҳбат-гуруҳлар янгиланди.
— Ташаккур сизга, рабби Бэн Ҳейм Фейтлбаум, — деди Грорк. У бошини микрофонга жуда чуқур эгиб олди ва овози микрофонда шовқин ва қасирлаш келтириб чиқарди. У ўша заҳоти бир неча қадам ортга тисарилди. — Чет тилида сиз ўқиган дуо учун ҳам ташаккуримизни қабул айланг, — қўшиб қўйди у танобийдагиларга  кўз қисиб қўяркан.
Кулги тинишини кутиб Грорк мактабнинг молиявий аҳволи ҳақидаги расмий ҳисоботларга ўтди, унинг йигирма беш йил аввалги салмоқсизгина бюджетини шу мактабнинг гуллаб-яшнашида гувоҳлик берувчи ҳозиргиси билан таққослади. Бу орада Палмер эндигина Калхэйн билан суҳбатини тугатган Бернсни кузатарди. Аслида бу суҳбат ҳам эмасди, балки Бернснинг монологи эди. Бу одамнинг ҳатто энг қийин вазиятларда ҳам ички сезгиси ва аниқ ҳисоб-китоб билан иш тутишига Палмер тан бермай иложи йўқ эди. Раввин гапини тўхтатган бир вақтда у ҳам Калхэйн билан суҳбатини узгудек бўлса, томошабинлар бунда қандайдир пинҳоний ҳақоратни англаган ва ҳатто Бернсни руҳонийга нисбатан ҳурматсизлик қилишда айблаган бўлар эдилар. Бироқ Бернс Фейтлбаумни ҳам, Гроркни ҳам бирдай ёмон кўрарди ва шу билан унинг қилмишининг шахсий йўналиши ва уни динга нисбатан ҳақоратомуз хатти-ҳаракатларда айблаш имкони истисно бўлар эди.
Калхэйн ташвишланганнамо икки бор бош ирғиб қўйди ва Бернс қаддини ғоз тутиб, шеригига куйиб-пишиб гап уқтираётган Гроркнинг ёнидан ўтди-да, энди танобийга йўл оламан деганда йўл-йўлакай Палмернинг ёнида тўхтади ва унга эгилди. Палмер унинг узунчоқ, торгина бурун катаклари ошкора тантана билан титраётганини кўрди.
— Танобийда игна ташласанг ерга тушмайди, Вуди, — шивирлади Бернс, — яна ўн бештача стол олиб киришга тўғри келади. Зўр, шундай эмасми?
Палмер унинг юзлари ял-ял  ёнганини ҳис этди. Ўзининг катта ҳаётий тажрибасига қарамай, у болаликдаги унга сингдириб келинган одоб юзига оёқ боса олмасди. Айни дамда у ўзини ғоят ноқулай ҳис этмоқда эди. Нима учун Бернс бундай қилаётганини ва унга, Палмерга айни вақтда қандай хизмат кўрсатаётганини аъло даражада тушуниб турарди. Бернс гўё уларни кузатиб турган омма ўнгида уни Калхэйн билан кўринмас ришта ила боғлаб қўйганди. Барибир Палмер ўзининг бемаъни руҳ ва нотиқларга нисбатан ҳурматсизлик намойиш этилган томоша иштирокчиси эканини ҳис қилиб, хижолатдан чиқолмаётганди. Бунинг устига кўпсонли томошабинларнинг диққат марказида бўлиб қолиши унга сира ёқмаётганди.
— Ҳой биродар, энди овқатланиб олсанг ҳам бўларди! — Бернс Палмернинг елкасига қоқиб қўйди ва гўё туришига ёрдам бермоқчидай унинг қўлтиғидан олди.
— Аввал қулоқ солсангиз-чи, — сўз бошламоқчи бўлди Палмер.
Шу лаҳзада гўё унга қандайдир ғоят муҳим ва ишончли бир нарсани шипшитиб қўймоқчидай Бернснинг юпқа лаблари тез-тез қимтилди. Қўли танобийнинг тўрдаги узоқ бурчагини кўрсатганича Палмернинг боши узра айланди. У бир неча бор тез-тез, қарийб ғазаб билан бошини сараклатди ва сарғиш кўзлари чақнади. Бу барча аломатлардан уни кузатиб турган ҳар қандай одам Палмерни муҳим иш билан шошилинч чақиришаётганини англаб олиши тайин эди. Бернснинг ёрдамида у ўрнидан кўтарилди ва у билан изма-из ҳайъат супачаларидан тушиб, қоп-қоронғи катта танобийга кириб кетди.
Улар қийинчилик билан беҳисоб столлар оралаб ён эшиккача етиб боришди-да, танобийни тарк этишди. Бу ер салқин эди. Ортларидан эшик ёпилиши билан Гроркнинг овози бирдан тинди ва қулоққа элас-элас чалинувчи бидирлашга айланди.
— Ана, дўстим, сени қутқарганим учун менга раҳмат айт, — деди Бернс мийиғида кулиб.
— Ўзи нима гап? — сўради Палмер. — Бу ерда менинг бўлишим нима учун бу қадар шошилинч керак бўлиб қолди?
Бернс илжайиб қўйди:
— Грорк даҳанаки ичкетар дардига йўлиққан. Жуфтакни ростлаб қолиш учун бу узрли сабаб бўлмай нима?
Палмер кулимсираганча бошини чайқаб қўйди:
— Сизнинг аввал Калхэйн билан гаплашганингизни, ундан кейин менинг олдимга келганингизни одамлар кўрмади деб ўйлайсизми?
Бернснинг кўзлари бир лаҳза қисилди, бироқ ўша заҳоти катта-катта очилди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Нима ҳам дердим, зеҳнингизга қойил қолмай илож йўқ, мистер Палмер, — деди у. — Ҳозиргина қилган ишимиз шарофати билан танобийда ўтирган ўн-ўн беш нафар омонат банклар раҳбарлари рамақдажон бўлиб ётишибди.
— Барибир ҳам Олбанида республикачилар партияси кўпчилик овозга эга  бўлишига қарамай, — ўйчан ҳолда деди Палмер. — Калхэйн сингари шундай залворга эга бўлиб туриб ҳам демократик партия арбоби ҳисобдон дўстларимиздан биронтаси учун уйқусиз тун сабабчиси бўлишига кўзим етмайди.
Бернснинг кўзлари атрофга олазарак қарарди ва Палмернинг кўнглидан ғалати фикр кечди: у ташлаган луқма Бернсга қаттиқ тегиб, гўё енгил зарбаларни кутаётгандай, энди тез-тез ён-верига алангламоқда эди.
— Жоним, — деди Бернс, — республикачилар партияси омонат банклар эгалари учун бир жон-бир тан бўлиб курашаяпти деб сизга ким ва қаерда айтди? Эҳтимол, мен ухлаб қолгандирман, эҳтимол Мусо тоғдан тушиб кетиб, ўн биринчи сурани ёзгандир? — У димоғидан қулқиллашга ўхшаган овоз чиқариб босиқ ҳингирлаб қўйди ва Палмер унинг ғирт маст эканлигини англади.
— Буни ҳамма билади, — жавоб берди Палмер. — Сиз бошқача фикрдамисиз?
Бернс маънодор елка учириб қўйди ва шу аснода Палмернинг қўлига шап этиб урди.
— Менинг айтарли фикрим йўқ, — деди у тўсатдан овозига ўзгача маъноли тус бериб. — Борди-ю, дўстимга айтадиган гапим бўлганида, ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта айтардим-қўярдим.
— Унда айтинг, — Бернснинг нью-йоркча лаҳжасига ҳамоҳанг равишда деди Палмер, мийиғида кулиб.
— Булар бари Олбанидаги ит ахлати, — тушунтира бошлади Бернс. — Партиялар курашига қилча алоқаси йўқ. Бу нимани англатишини биласанми?
— Бу шуни англатадики, юқоридан ҳали кўрсатмалар беришгани йўқ.
— Қандай сурбетлик, — деди Бернс лабларини буриб. — Йўқ, қароғим, янглишасан. Бу нафсиламбрини айтганда шу нарсани англатадики, банкирлар ўзаро жиққамушт бўлишда қонун чиқарувчи  ҳокимият вакиллари димоғига пул ҳиди келиб урилади.
— Гап нима ҳақида кетаётганини англай бошлаганимдан қўрқиб кетаяпман, — деди Палмер.
Бернс тўғри дегандай бош ирғади.
— Буни у ёки бу партия дастурининг бир қисми деб қарамасликка қарор қилиб, Олбанидаги қонун чиқарувчи йиғилишнинг чаққон йигитлари вазиятдан сўнгги центгача соғиб олишни яхши билишади. Ҳа, улар ҳамма нарсани шундай ташкил этишганки, натижада чўнтакларини қаппайтириб кетишади, ахир улар чўталхўрликка мазахўрак бўлиб қолган эмасми?
— Бошқача айтганда, — деди Палмер шундай таомларга хос ўхшатишни давом этдириш керакмаслигини тушуниб; аммо ўзини тутиб туролмади, — улар беш панжани баравар оғизларига тиқадилар.
Бернс Палмерга жим тикилиб қолди, унинг сўзларидаги кинояни ҳис қилган бўлса-да, бироқ маъносини тушунмади.
— Менга қара, — деди у ишонч билан, сўзларини салмоқлаб-салмоқлаб, — мана бу машмаша тугагандан кейин, меникида маъқул йигитлардан уч-тўрттаси тўпланади. Бир кириб ўт. Озгина томирингга қон қуйиб олсанг, зарари йўқ.
— Соат нечада?
— Ўн бирларда, — деди Бернс. — Бу сенга эрталик қилмайдими?
— Эрта? — қайта сўради Палмер. — Ўн биргача қандай етиб олишимни ўйлаб, бошим қотиб турибди-ку.
Бернснинг тилларанг қошлари бир юқорига кўтарилди-ю, бироқ дарҳол яна тушди. У тушундим дегандай кўз қисиб қўйди:
— Ҳа, энди соат ўнларда борсак ҳам бўлаверар, а?
Танобийда гулдурос қарсаклар янгради.


Ўн тўққизинчи боб

Бар пештахтаси олдида ярим соатча ивирсиб, Палмер катта Вик Калхэйн ўзининг муфассал нутқини тугатиб турган бир паллада танобийга қайтди.
— ...Сўнгсиз карвон сингари йўқлик қаърига абадий кетаётган ўтган асрларда бўлганидек, ҳозир ҳам, — асл нью-йоркликнинг хиёл пинғи овозида у гулдираб гапирарди, — ўзимиз ҳаддан ташқари миннатдор бўлганлар хотирасини ёдга оламиз ва бош эгамиз, — давом этди Калхэйн ҳар бир жумлани чертиб-чертиб, одатдагидек вазмин оҳангда. — Биз келажакка дадил боқаяпмиз, унинг кўламлари бизни чўчитолмайди, биз жасорат билан ҳужум қиламиз ва бир қадам ҳам ортга чекинмаймиз. Биз бошқаларни қораламаймиз, зеро ўзимизни ҳам айбдор қилиб қўймаймиз, ёш авлодимизни йўлдан ураётганларнинг, миллий номусимизни қоралаётганларнинг ва шон-шавкатимизни йўққа чиқараётганларнинг хатоларини кўрсатмоқчи эмасмиз. Дунёқараши тор, яна ватанимизни сувтекинга сотаётган майда, калтабин, паст одамларни қоралашни тарихнинг ўзига қўйиб берайлик. Аммо тарих саҳифаларида орамизда, бу ерда ҳозир бўлганлар орасида, ушбу танобийда мен билан бирга ҳалол ва софдил одамлар борлиги, буюк вазифани мардонавор ва қатъият билан ҳал этадиган одамлар борлиги абадий муҳрланиб қолсин...
Палмер билдирмайгина қоп-қоронғи танобийга ўтди-да, нигоҳи билан олти рақамли столни қидира бошлади. У яна ҳайъатга кўтарилиб, ўз жойини эгаллашга журъат қилолмаётганди.
— ... қуёш остидан ўрин олсин! — гулдираб гапирарди Калхэйн. — Ҳар кимнинг эрки ўз қўлида...
Қуёш остида мен учун ҳам жой топилди, деб ўйлади Палмер ниҳоят олти рақамли столни қидириб топгач. У столга ёни билан юриб борди ва Виржиния Клэри ёнидаги бўш ўринга енгил нафас олиб чўкди.
Жувон унинг пайдо бўлганини пайқамади. Унинг икки кўзи Калхэйнда эди. Палмер уни ён томонламагина кўриб турарди. Шу пайтгача у ҳеч қачон унга бу қадар бевосита яқин бўлмаганди — нари борса йигирма-ўттиз сантиметр келарди оралари. Думалоқ юзи ва дўрдоқ лаблари ёноқларининг чиқиқлигини сездирмасди. Жувоннинг ингичка ва учи тўмтоқроқ, чўзинчоқ бурнининг катаклари бироз керилган. Агар Виржинияга шунақа ёнламасигина қаралса, унинг чиндан ҳам гўзал эканини Палмер энди англади. Борди-ю, жувон унга томон юзланиб қараса, уни шунчаки кўҳликкина экан деб айтиш мумкин бўларди. Виржиния қаддини тик тутиб ўтирарди. Ғоят калта боғичли, ўмизи чуқур оқ кўйлаги унинг бўртиқ сийнасини хиёл яшириб турарди. Палмер ўтирган жойидан бироз орқароқ ва юқорироқдан жувоннинг нақ ўмизи узра учбурчак соя ташлаб турган дум-думалоқ сийнасини аниқ-таниқ кўра олар эди.
Палмер юзлари ловиллаб ёнганини ҳис этди ва ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади. У ҳайъат томонга қаради. Бир лаҳза ўриндиқ чайқалиб кетгандек туюлиб кетди унга. У кўзларини юмди ва томоғида уни бўғиб турган нарсанинг йўқолишини кута бошлади.
— ...бу хатти-ҳаракатлар уларнинг қайсарлиги, мағлубияти ва очкўзлиги руҳидан келиб чиқади! — гулдирашда давом этди Калхэйн. — Аммо сизларни зериктириб қўймаслик учун уларнинг барча хусусиятларини бир-бир санаб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки...
Кўзларини очгач, Палмер бирдан ўзининг “Юнайтед бэнк”даги муовини Гарри Элдер нигоҳига тўқнаш келди. Палмер кўзларини қисиб қаради, Гарри эса жавобан им қоқиб қўйди, кейин нигоҳи билан олдида турган баҳайбат шотланд вискиси шишасини кўрсатди ва савол нигоҳи билан Палмерга боқди. Палмер хўп дегандек бош ирғади ва кекса ёшдаги ҳамкасби ичига бир нечта муз бўлаги ташланган қадаҳни қандай қўлга олганини, уни деярли лиммо-лим тўлатганини ва Палмерга ишора қилиб, уни қўшнисига тутганини кузатиб турди. “Таймс”данми ё “Ньюс”данми бўлган репортёр қўшниси ўз навбатида индамай қадаҳни бошқа қўшнига узатди.
Ушбу маросим Виржинияни бутунлай ўзига маҳлиё қилиб қўйганди. Жувон ўгирилди, Палмерни кўрди ва лабларига хиёл табассум югурди. У репортёрдан қадаҳни олиб, Палмерга узатаркан, шивирлаб деди:
— Душманларни ер ютсин. — Сўнг яна юзини тўғрига буриб, нотиқнинг гапларига диққат билан қулоқ сола бошлади. Кўйлаги ўмизида сийнаси аввалгидан ҳам яққолроқ кўзга ташланди.
Палмер вискидан ҳўпларкан, ҳисоб бўйича бу нечанчиси — учинчисими ё тўртинчиси эканини эслашга беҳуда уринарди, бироқ охири вискини Гарри Элдер сузаётганида қанча ичилганини ҳисобга олишнинг ҳожати қолмайди деган қарорга келди.
— ...ва куч эмас, фақат ҳақиқатгина адолат тантанасига олиб келишини билиб, бизлар хотиржаммиз, — якун ясади Калхэйн. — Эътиборингиз учун раҳмат.
Улкан танобий гулдурос қарсаклардан ларзага келди. Калхэйн юзлари ял-ял ёниб олқиш маъносида қўлини кўтарди, сўнг жойига бориб ўтирди-да, яна қўшниси Кармин де Сапио томон ўгирилиб, у билан узоқ гаплашиб қолди. Раислик қилувчи Грорк ўрнидан турди ва гарчи қарсаклар ҳали тинмаган бўлса-да, қўл ишораси билан тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилди, бироқ шу билан бирга, Палмернинг назарида, бу ишора бир вақтнинг ўзида йиғилганларнинг янги куч билан яна гулдурос қарсаклар чалишига умидни ҳам ифода этар эди.
Бироз ўзини орқага олиб, Палмер ўриндиқда ўрнашиброқ ўтирди. Шу ҳолатда у Виржиния Клэрининг жингалак қора сочлари қоплаган энсасини, бўйнини ва иккала курак оралиғидан кўйлаги ичига кириб яширинган нафис елкасинигина кўра олар эди.
У ўриндиқда ўтираркан, аҳён-аҳёндагина нотиқларнинг сўзлари узуқ-юлуқ шуурига етиб келарди. Нотиқларнинг рўйхати охирлаб қолганди ва ниҳоят дуо калималари янгради. Палмер минбардаги содирликларни шу қадар оз кузатар эдики, аввалига унга дуони англикан1  черкови руҳонийси қироат қилаётгандек бўлиб кўринди, ғира-ширада унинг ридосини илғаб бўлмади. Фақат лотинча католик дуоларидан хотима оятлари қулоққа чалингандагина Палмер хато қилганини англади. У елка қисиб қўйди-да, қадаҳидан майда-майда ҳўплай кетди.
Йиғилиш дастури бир марта тугал ишлаб чиқилган режа бўйича ўтказиларди. Эстрада томошасини очиб берган кулги актёри ўзининг бор маҳоратини томошабинларга намойиш этишга ҳаракат қиларди. Ҳар бир коса тагида нимкоса ҳазилдан кейин у жимиб қолар, ясама қўрқув ичида оғзини кафти билан беркитар ва диний назорат вакилларига хавотир билан кўз югуртириб қўярди.
— ... Шундай қилиб, вақтни зое кетказмасдан, хонимлар ва жаноблар, мен суюкли зарринсочимни сизларнинг ихтиёрингизга ҳавола қиламан, гарчи миш-мишларга қараганда, агар тагигача кавлаб етилса, у ҳечам зарринсоч бўлмаса-да. У ажойиб хонанда, хонимлар ва жаноблар, ҳозир унинг қўшиқларини тинглайсиз, — бу “Пижамадаги оқшом” опереттасидаги чинакам оқшом юлдузи. Шундай қилинг, хонимлар ва жаноблар, тингланг, томоша қилинг: эътиборингизга мафтункор Киттини ҳавола этаман. Китти Кэйн! Қани, уни бир яхши қарсаклар билан кутиб олайлик!
Лабларида кўзидаги аянчли ифодага асло мос келмайдиган табассум қотиб қолган йўғондан-йўғон хунук зарринсоч хонанда қиз бутун оқшом давомида оркестр чалган кўҳна оҳанглардек улуғ ёшдаги бир қанча романсларни ижро этди.
Шундан кейин балет жуфтлиги “Васваса”нинг бири босиқ болеро маромидаги, иккинчиси эса шўх стаккато маромидаги икки версиясини ижро этди. Жуфтликдаги эркак ўзига шерик аёлдан жуда бўлмаганда ўн ёш кичик бўлса-да, мунгли нигоҳию ботирона гавда ҳолатлари билан ёшдаги фарқни асло билдирмаётганди. Оркестрнинг бир неча мақомидан илгарироқ улар рақсни ниҳоясига етказдилар, машшоқлар эса чўзиб чалишларига қарамай барибир охиригача етмасдан куйни узиб қўйишди. Фақат аккордиончигина бир ўзи қолганини ҳис этгунга қадар яна бир неча сония чалиб тураверди.
Баланд бўйли ва хушқомат тенор “Роз-Мари”дан биринчи бандни тугатмасиданоқ машҳур қизиқчи уни бўлиб қўйди. Тенор билан биргаликда у қандайдир чалкаш интермедияни ўйнай бошлади, куй давомида қўшиқчининг мардона шавкати хира тортиб қолди ва унинг сийқа тенденциялари ранг-баранглигига ишора қилинганига қарамай қизиқчи тенорни ўз ҳолатига қайтаришга беҳуда уринарди. Палмер аввалига рақснинг қандай давом этишини кузатишга ҳаракат қилди, бироқ барибир охиригача тоқат қилолмади ва зўраки табассум билан Виржиния томон ўгирилди.
— Европа бўйлаб қилинган тантанавор саёҳатдан яқинда қайтиб келган! — эълон қилди у.
— Шоҳона зотлар ҳузурида томоша кўрсатгандир-да, шундайми?
— Ширакайф зотлар ҳузурида, — ғудранди Палмер. — Дарвоқе, ўн биргача ҳали узоқми? Ие, ҳали ҳам ўн бир бўлмадими?
— Энди ўн ярим бўлди.
— Мен эса ўн бирда кетишим керак.
— Кетишингиз керакми ё кетсангиз бўлаверадими? — суриштирди жувон.
— Керак ҳам, бўлаверади ҳам.
— Худди типратикондек тиконларга қопланиб олгансиз.
— Қопланиб эмас, яшириниб олганман, — эътироз билдирди Палмер.
— Ўн бирдан кейин нима бўлади? — сўради Виржиния.
— Сизни тўйдириб ичиришибди, — деди Палмер. — Мен буни дарров сездим.
— “Сэр, мени яраламадилар, мени ўлдирдилар!” Соқийлик вазифасини бажарганда мистер Гаррисон Элдернинг қанақа бўлиб кетишини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Кечириб қўясиз, мен ҳам қўшилганман, — эътироз билдирди Палмер ва бўш қадаҳини кўтарди. У қадаҳга диққат билан разм солди, кейин эса хўмрайиб сўради: — Калхэйнга нутқни Бернс ёзиб берган бўлса керак?
— Шак-шубҳа йўқ.
— Нима учун у ҳар доим бунақа тумтароқли қилиб ёзади?
— Калхэйннинг нуқтаи назарида, — деди жувон, — қанча ноаниқ бўлса, шунча яхши.
— Агар улар икковини бир жойга қўйса, — деди  Палмер, — дунёни зулмат босарди. — У хўрсиниб қўйди.
Ниҳоят “Васваса” товушлари остида ғайриоддий шева билан романс ижро этмоқчи бўлган тенорга жой бўшатиб, қизиқчи четлашди. Тенор омма ҳам бу куйдан тўлиқ завқланиб улгурмаган деб хаёл қилганди, бироқ қарасаки, унинг ўзи қабиҳ ният қурбони бўлиб ўтирибди, чунки “Васваса”дан бир неча мақом чалиб, оркестр бирдан фокстротнинг қулоқни қоматга келтирувчи жўрлигида ўйноқи куйга ўтиб кетганди. Якунида “Беса ме мучо” янграб, томошабинлар қарсак билан қарши олдилар. Шундан кейин қизиқчи рақслар бошланганини эълон қилди.
Танобийда чарақлаб ёнган чироқлардан кўзларини қисиб одамлар у ён-бу ёнларига қараганча столдан туришди. Ҳайъат столи бирдан қоронғилик ичида қолди ва файзини йўқотди. Энг аввал руҳонийлар ўтирган ўриндиқлар бўшади.
Гарри Элдер ҳам ўрнидан турди ва оҳиста қорнини силаб қўйди. Пайтдан фойдаланиб бир нечта репортёр Калхэйн томон отилди. Элдер Виржиния Клэрига илиқ жилмайиб қўйди.
— Начора, у бўлмаса, мана, мен сизни таклиф қиламан, — деди у ўзининг баланд хирилдоқ овозида.
Аввалига Палмер нима гаплигини тушунмади, сўнгра фаҳмлаб олгач, у ўрнидан турди ва Виржиния олдида бошини хиёл эгди.
— Мистер Элдер билан бу сафар рақс тушишга розилик билдириб, унга марҳамат кўрсатмайсизми?
— Жоним билан.
Палмер уларни кўздан қочирмаганча қайта жойига бориб ўтирди ва Элдер билан хоним рақс тушувчи жуфтликларга аллақачон тўлиб бўлган майдонча томон кетди. Палмер жувонни, унинг ҳаракатларини, оппоқ либосдаги сарвдек қоматини кузата бошлади. Кейин, ким билсин, нечанчи марта яна соатига қаради ва Бернс билан учрашувига ҳали анча борлигидан афсусланиб қўйди. Катта тўртбурчак шишага қўл чўзиб, у музлари эриб бўлаёзган қадаҳига виски қуйди. У “кетар жафоси”га ва ўн биргача қанча вақт қолганидан қатъи назар, булардан жуфтакни ростлаш учун ичишга аҳд қилди. Жуда бўлмаганда у мана бу танобийда ивирсиб юргандан кўра Бернснинг уйига пиёда борса ҳам бўларди-ку. Ора-чора рақс тушаётганлар орасидан лип-лип кўзга ташланиб турган оқ либосга қараб-қараб, вискини шошмай охиригача ичди. Элдер билан Виржиния кула-кула Палмер ўтирган столга қайтиб келишарди. Палмер ўрнидан турди ва жувонга ўриндиқни сурди.
— Кейинги навбат сеники, Вуди, — нафасини базўр ростлаб деди Элдер. — Бу телба куй менга тўғри келмас экан.
Бир неча сония учовлон нима қилишни билмай туриб қолишди. Сўнг Виржиния Палмернинг қўлидан тутди-да, уни рақс майдончасига олиб кетди. Жувон майдонча четида тўхтади ва унга ўгирилди.
— Бунинг нимаси телба куй экан? — деди Виржиния. — Энг оддий лотин америкаси куйи-ку. — Палмер уни ўзига қаратди-да, гарчи оркестр қандайдир бошқа куйни чалаётган бўлса ҳам “па румба” мақомида майдонча чеккаси бўйлаб аста юриб кетди. Палмер ўзини жувондан анча баландман, деб ўйлаганди, бироқ рақс туша бошлашгани ҳамон Виржиниянинг бирданига бўйи чўзилиб кетгандай бўлди. Қоидага риоя қилиб, орада масофа сақлаганча у жувонни бошлаб кетди, бу масофани фақат аёлгина қисқартиришга ҳақли эди. Мусиқа Ирвиннинг эски куйи “слоу-факс”га ўтди. Палмер уни талабалик давридан яхши эсларди, фақат ўша вақтларда у анча шўхчан ижро этиларди.

Ёнингдаман, дадил бўл, қўрқма,
Ахир эмасман-ку ёш бола, жоним.
Ёнингдаман, жўшдир эҳтиросингни ...

Иккалови ҳам аста кулиб юборди ва рақс тушишда давом этди.
— Хотирангиз яхши экан, — деди жувон.
— Ўша эски замонларда рақс тушишни ўрганганман.
— Кўп қўшиқлар эсингизда қолганми?
— Тўғрисини айтсам, бу сўзларни эслашимга шубҳа қилмагандим. Улар ўзи келиб қолди, бирданига.
— Давомини ҳам эслайсизми?
— Бошқа ҳеч нима эсимда йўқ.
Улар рақс тушишда давом этишди, бироқ бошда икковларини ажратиб турган масофа ғойиб бўлгандай эди. Йигит жувоннинг ҳар бир ҳаракатини ҳис этиб турарди. Одатдаги қоидага риоя қилиб Палмер ортга чекинмоқчи бўлган эди, бироқ бу фикридан қайтди.
Оркестр қўшиқ куйини сатрма-сатр такрорлар эди. Палмер жувоннинг аста хиргойи қилаётганини эшитди.
У Виржиниянинг юзига назар ташлашга ҳаракат қилди, лекин жувон чеҳрасини унинг елкасига қўйиб олганди. Палмер жувоннинг унга яқинроқ келиб олганини ҳис этди. Буни у билиб туриб қилаяптимикан, деб ўзидан-ўзи сўради Палмер. Хотинидан бошқа аёл билан рақс тушганида бундай савол кўп марталаб кўнглига келар эди, бунга бирон аҳамият бериш жоизмикан ёки бу ихтиёрдан ташқари бир ҳолатмикан? Ҳар гал бўлганидек, бу сафар ҳам Палмер аёллар камдан-кам  ихтиёрдан ташқари ҳаракатлар қилади деган тўхтамга келди.
Аста-секин танобийни яна ғира-шира қоронғилик чулғади. Рақслар эса давом этарди. Официантлар столларни йиғиштиришга тушишганди, соат ўн бирдан ошиб кетган, аммо Палмер энди вақт қанча бўлганига қизиқмай қўйганди.


Йигирманчи боб

Сайр шунча чўзилади деб кутмаганди у. Меҳмонхона Таймс Скуэр туманида эди, Бернснинг шаҳар квартираси эса Эллигинчи кўчаларнинг бирида жойлашган. Виржиниянинг уйи Бернс уйи йўлида ёки, эҳтимол, бунинг акси бўлгани учун Палмер узоқ ўйлаб ўтирмади, — улар йўлнинг бир қисмини биргаликда босиб ўтишга қарор қилишди.
Ушбу кеч паллада Манхеттеннинг марказий туманлари, одатдагидек, одамлар билан гавжум эди; одамлар оқиб келар, машинадан тушар, тунги клубларга, барларга, турар жойларга кирар ёки улардан чиқар эдилар. Шаҳар театрларида томошалар тугаб бўлганди ва теварак-атрофда яшовчи томошабинлар ва уларнинг нью-йорклик дўстлари бу ерга интиларди. Палмер ва Виржиния машиналар оқими ўтиб кетишини пойлаб, Парк-авеню ва Эллик иккинчи кўча чорраҳасида тўхташди ва бирдан кўринишидан олти ёшдан ортиқ  бўлмаган икки пуэрторикалик боланинг ўқдай учиб бориб қаршидан келаётган қора “флитфуд”га ташланганини кўриб қолишди. Улар ресторан йўлагига бурилиб, ҳали юриб бораётган автомашинанинг эшигини очишга ҳаракат қилиб, қўлчалари билан дастакка маҳкам ёпишиб олишди. Болалардан бири туртиниб кетди-да, бир оёғи машина остида бўлиб қолди. — Сuidado!1 
— Тўхтанг, мистер! Тўхтанг!
Машинанинг орқа ғилдираклари болакай оёғига теккан маҳалда ўртоғи уни машина тагидан шиддат билан тортиб олди. Ресторанга кираверишда турган швейцар супача томонга отилди ва ҳар иккала болани ариқ томонга ирғитиб юборди, сўнг дарҳол қаддини ростлаб, “флитфуд”нинг орқа эшигини очиш учун машинага ўз вақтида етиб борди. Палмер ҳатто узоқдан туриб швейцарнинг меҳмонни сермулозаматлик билан жилмайиб қарши олганини кўриб турарди.
— Ана қаҳрамонлиг-у, гап йўқ, — деб қўйди Виржиния.
— Уларга нима! — деди Палмер. — Анави ёққа қаранг!
Ҳар иккала болакай ариқ бўйида ётиб олиб, овозларининг борича хохолаб кулар эди.
Виржиния уларга диққат билан разм солди.
— Йиғламаслик учун кулишаяпти, — деб қўйди жувон.
Яшил чироқ ёниб, улар кўчанинг нариги томонига ўта бошлашди. Виржиния олдинда, унинг ортидан эса Палмер борарди. Улар “Сигрэм” биносининг мунгли осмонига тик кўтарилган устунлари ёнидан жим ўтиб кетишди. Ойнаванд девор орқали ичкаридан чиқиб турган сарғиш нур бутун деворни ёритиб турарди.
— Зўравонлик шаҳри, — деди Виржиния. — Ваҳший хулқ-атворлар. Бу ерда даҳшатли ишлар амалга оширилади. Уччига чиққан қарама-қаршиликлар.
— Демак, сиз ҳам кўчадаги жулдирвоқиларга кўз ёши тўкадиганлардан экансиз-да? — Палмер хўрсинди.
— Э, йўқ, — эътироз билдирди жувон. — Мен ўзим ҳам кўча қизи эдим. Лекин у вақтларда бизга бундай нафрат билан муомала қилишмасди. Энди эса бу кўплаб одамлар бошига тушган аянчли ҳолатнинг кўплаб аломатларидан биттаси.
Палмер бироз сукут сақлаб турди-да, кейин деди:
— Лекин мен, тўғриси, бу болакайларда аянчли аломатларни кўрмадим.
— Энди кўрасиз, — деди Виржиния.
— Нимани “энди кўрасиз”? — Мен эшитишга тайёрман, — деди Палмер. — Ҳали олдингизда охири йўқ узун йўл тургандан кейин...
— Мен айтадиган нарса сизга ёқмайди.
— Эҳтимол. Барибир ҳам, илтимос, гапиринг, мен тинглайман.
— Энг аввало бу икки бола ҳаётда нималарга тўқнаш келишини, қандай ҳолатларда уларга эш бўлади-ю, қандайлари қаршилик кўрсатади, шуларни тушунтиришга ҳаракат қилинг, — гап бошлади жувон. — Яхши туманни олиб, уларнинг омади келган. Бу ерда ҳаддан ташқари қиммат ресторан, икки тунги клуб жойлашган, буларга энг машҳур киноюлдузлар ва турли таниқли одамлар кириб туришарди. Бунинг устига меҳмонхона ҳам ёнгинасида . Мана шу бутун маҳалла — уларники. Агар бошқа маҳалла боласи бу ерга келиб қолгудек бўлса, уни бурда-бурда қилиб ташлашади.
— Кимлар, бу болакайлар?
— Агар даромадли бўлса, ўз туманини сақлаб қолиш учун улар ҳеч нарсадан қайтишмайди. То улардан зўрроқ биттаси бу серунум жойдан қанча фойда тушишини англаб, уларни қувиб юбориб, ўрнига ўзи ўрнашиб олмагунча шундай бўлаверади. Ахир бир тунда уларнинг ҳар бири манави ерда беш доллардан ишлаши мумкин-да.
— Қуруқ эшикни очиб, пул ишлаш?
— Бугина эмас. Улар шу қадар бечораҳол бўлиб кўринишадики, уларни ҳайдаб юборишга бировнинг кўнгли бўлмайди. Бу маҳалла ресторани ва тунги клублар мижозлари одамлар кўзига муштдеккина жулдирвоқиларни тепишга журъат қилолмайдилар. Улардан қутулиш учун чорак долларлик чақани ирғитиш кифоя.
— Швейцарлар-чи? — сўради Палмер. — Улар бу болаларни ҳайдаб юборишмайдими?
— Ҳайдаб юборишади, фақат уларни кимдир зимдан кузатиб турганда ёки болалар ҳаддан ташқари сурбетлик қилган вақтларда ҳайдашади. Аслида эса бу ерда бир қонун бор: ўзинг ҳам яша, бошқаларни ҳам яшагани қўй. Болакайлар бой мижозлардан биронтасининг кўнглини чоғ қилишлари мумкин, ана шундайлардан бир аламини олиб қўйиши мумкин. Умуман, улар нонини топиб ейишади. Сиз уларнинг швейцар билан ўрталаридаги муносабатни пайқагандирсиз, ҳойнаҳой? Икки хил ҳаётда кун кўриш шаклларидан биттаси.
— Сиз шунга аминмисиз?
— Бўлмаса-чи, — давом этди Виржиния, — уларга ўзларининг ғурури ёрдам беради: “anglos”1 лар келганда улар ҳеч қачон йиғламайдилар. Мана гап қаерда. Барча туйғуларни улар кулги билан ифода этадилар.
Палмер лабларини қимтиб олган Виржиниянинг юзига ён томонидан кўзининг қири билан разм солди.
— Туйғуларни ифода этишнинг бу ғоятда чекланган воситаси, — деди у.
— Қўшиламан. Аммо уларга қарши кўплаб омиллар курашганди. Биринчидан, вақт. Улар балоғатга етганида, швейцарлар тоқат қилолмайдилар ва ўшанда уларни қайтмас қилиб ҳайдаб юборадилар. Маҳаллада изғиб юрувчи бундай ўсмир пуэрторикаликлар кимни ташвишга солмайди? Қачон қараманг, пичоқбозлик қилишга шай туришади. Шу боис кулиб туриб пул топиш, тақдир зарбаларига бардош бериш мумкин бўлган улар болалигининг олтин даври узоқ чўзилади.
— Иккинчидан, — деб давом этди жувон, — ишлаб топган пуллари ҳам уларнинг ўзларига қарши бўлиб қолади. Албатта, агар улар барча топган пулларини уйга олиб келишса-ку, олам гулистон. Лекин лоақал бир неча доллар пулни тугиб қўйиш қўлидан келадиган биронта болани топиб бера оласизми? Бу лаънати долларлар уларнинг бошига озмунча кулфат келтирмайди дейсизми! Бисотидагини тортиб олиш учун бола шўрликни ўласи қилиб калтаклашлари ё ўлдиришлари ҳам мумкин, ёки у гиёҳвандчиларга қўшилиб кетади, ё ичкиликбоз бўлиб кетади. У ҳатто тўппонча сотиб олиш учун ҳам пул йиғиши мумкин.
— Ёки, — унинг гапини бўлди Палмер, — у ўзига костюм сотиб олиши, кинога тушиши, тўйиб овқатланиши мумкин. Нима учун сиз уни пулларини фақат ҳалокатга элтиш учун сарфлайди деб ўйлайсиз?
Жувон тўхтади ва унга юзланиб туриб олди. Унинг қўли Палмернинг билагидан сирғалиб тушди.
— Айтмовдимми, гапларим сизга ёқмайди деб, хушахлоқ дўстгинам.
— Мен бошқа имкониятларга шама қилмоқчи эдим.
— Болалигингиз тажрибасидан келиб чиққан имкониятлар ҳақидами? — деди Виржиния. Чет эл автомашиналари бор витринадан тушган чарақлаган нур остида диққат билан Палмернинг юзига қараётган кўзлари яна катталашгандек, янада қорайгандек туюлди. — Йўқ, сиз шунчаки Нью-Йоркдаги кўча болалари ҳаётини тушунишга қодир эмассиз.
— Ҳаракат қилаяпман-ку.
— Ёки пул улар учун нима эканини тушунишингиз керак. Бир куни менга ўзингизнинг пулга бўлган барча қарашларингизни баён этгандингиз. Эсладин¬гизми? Сиз пул — ҳаётингиздаги асосий омил дегандингиз. Шундай эмасми?
— Ҳа.
— Мана бу болалар учун, — деди унга Виржиния, — пул — бу халоскорлик тўлови. Улар пулларини пала-партиш ва тез сарфлаб юборишлари сабаби шунда, уларни барбод этувчи ҳаётдан ситилиб чиқишига бўлган енгилмас эҳтиёж елкаларидан босиб туради, бу ҳаётда улар ўзларини майда, кўзга илинмайдиган жондорлар деб биладилар. Пул эса уларга дарҳол куч ва маъно бахш этади. Пул — бу тўппонча, у уларга ўзларини атрофдагилардан бир калла баланд деб ҳис этиш имконини беради. Ёки бу бир шиша аччиқ ва арзон вино. Ёки наша. Аммо бу зинҳор қорин тўйдирмайди, бир стакан кока-кола ёки варақи сомса эмас.
— Оҳ, ўйласанг баданинг жимирлаб кетади, — деди Палмер жувоннинг кўзларига қарашга ҳаракат қилиб. — Бу болаларнинг ёши нечада экан-а? Олтими, еттими?...
— Йўқ. — Жувон эътироз ила бошини чайқади: — Улардан биттаси нари борса ўнда. Бошқаси ўн бирда ёки ўн иккида ҳам бўлса керак.
— Унда мен чамалай олмас....
— Ҳа, бу шундай, — унинг сўзини бўлди жувон. — Мен бу иккала болани билмайман, аммо уларнинг ёшидаги болалар одатда ҳамма нарсани билиб олган бўладилар. Ҳатто аёллар билан жинсий алоқа ҳам қиладилар.
— Ўн ёшда-я? — Шу аснода усти очиқ ва ўриндиқларга ялтироқ чарм қопланган оқ “мерседес” уларни қувиб ўтди. Ҳайдовчи ёнида ўтирган баланд бўйли зарринсоч жувон Палмернинг гапига таънали ўгирилиб қараб қўйди.
— Ўн ёшда-я? — қайта сўради у бу сафар хотиржам оҳангда.
Жувоннинг лаблари ғамгин табассумдан эгилди.
— Охири лол қолдирдимми сизни?
— Лол қолганим йўқ, — эътироз билдирди Палмер. — Ҳафсалам пир бўлиб кетди.
— Бўлмасам-чи, айниқса булар ҳаммасини сизнинг болалик йилларингиз билан таққослаганда, — деди жувон ва яна илгарилаб кетди. — Бўпти, таққосламаганингиз яхши. Назаримда, ҳаётнинг жинсий жиҳатлари билан биз икковимиз анча кеч танишганга ўхшаймиз.
— Менда бу нарса ўн саккиз ёшимда содир бўлганди, ундан эрта эмас.
— Менда эса ўн саккиз анча эрта ҳисобланган, — деди Виржиния.
— Демак мен роса саккиз йилни бой берибман-да? — мийиғида кулди Палмер. — Гарчи бу нарса нима эканини билмасам-да, айни куч-қувватга тўлган саккиз йил-а?
Улар ўнгга бурилишди ва Ист-Ривер томон йўл олишди, Лексингтон авенюни кесиб ўтишди ва Учинчи авеню муюлишида тўхташди.
— Шу ерда ажрашамиз, —  деди жувон. — Тўғри бораверасиз ва охири ўнг томонда янгигина баланд оқ бинога дуч келасиз. — Палмер ундан Бернс уйи жойлашган жойни бу қадар нечук аниқ биласиз деб сўрашдан ўзини зўрға тийиб турарди. Полиция сиренасининг тобора кучайиб бораётган овози қулоққа чалинди. Ёнларидан полиция автомашинаси ва ортидан полиция департаментига қарашли каттакон “тез ёрдам” яшил автомашинаси ўтиб кетганини базўр илғади.
— Кимнидир қаердадир, — аста деди Виржиния, — “флитвид” ғилдираклари остидан вақтида тортиб чиқаришга улгурмаганлар.
Улар тик турганча “тез ёрдам” автомашинаси томидаги лип-лип қилаётган чироқни индамай кузатиб қолишди. Учинчи авенюнинг охири кўринмас бир пучмоғига кириб, кўп ўтмай “тез ёрдам” кўздан ғойиб бўлди. Шу аснода ўйлашга ҳам улгурмай Палмер ўз овозини эшитди:
— Сизни кузатиб қўйсам майлими?
Жувон аста бошини чайқади:
— Миннатдорман, бугунгидай ҳаво яхши кунлари ойимнинг кечқурунлари ойнадан бошини чиқариб тоза ҳаводан нафас оладиган одати бор. Кейин унга роса тушунтиришимга тўғри келади. Кечқурун қизимни кузатиб қўяр эканми, бу одамга ишониб бўлмайди, одатлари ёмон экан деб ўйлай бошлайди. Ана ундан кейин қутулиб бўпсиз ойимдан.
— Қанақа ёмон одатларни назарда тутаяпсиз?
— Эҳ, қайси бирини айтай? Сиз — менинг бошлиғимсиз, уйлангансиз. Охири бориб-бориб сизнинг ҳатто католик эканингизни тан олишимга мажбур қилади.
— Агар бунақа зиёфатларга тез-тез келиб турадиган бўлсам, ким билсин, охири католик черковининг ашаддий курашчисига айланиб қоларман? Унгача сиз бирон нарса ўйлаб топарсиз?
— Бир гал шундай қилишга ҳам уриниб кўрдим, аммо чиқмади. Ойим мени дарҳол фош қилиб ташлади.
— Йигит католик эмасмиди? — сўради Палмер.
— У бўйдоқ эмасди. Хайрли тун.
Орага ноқулай сукунат чўкди.
— Буни қаранг-а, — деди бироздан сўнг Палмер. — Ойингиз сиздаги бу эътирофни қандай қилиб илғаб олдийкин?
— Бу ҳеч нарса эмас, — деди жувон, — хотини ўша йигитдаги эътирофни илғаб олгани олдида бу ҳолва-ку. Йўқ, яхшиси, хайрли тун, яхши боринг.
У жувонга тикилганча жойида тураверди ва аёл ҳам жойидан қимир этмаётганди.
— Менда шундай тасаввур пайдо бўлдики, сиз ҳар қандай сирни сақлай оласиз, — деди Палмер.
— Ойим эса сизда ҳар қандай сирнинг тагига ета оладиган одамдек таассурот қолдириши мумкин.
Палмер яна ўйлаб олишга улгурмай шартта дилидагини айтди-қўйди:
— Мен билан бирга борсангиз қалай бўларкин?
— Бугун Бернсникида меҳмон бўлишдан кўра ноқулайроқ жойни топиш анча қийин бўлса керак.
— Нега энди? Ахир биз бирга ишлаймиз ва битта ишни бажарамиз-ку.
— Мен бошқа қизларга халақит беришим мумкин, — деди Виржиния. Палмер қовоғини уйди:
— Уникида аллақандай қизлар бўлишини биринчи марта эшитаяпман.
— Сизга бу ҳақда ҳеч ким маълумот бериши шарт эмас.
— Менга у ерда соф иш юзасидан суҳбат бўлади деб айтишган. Бундай бўлмаслигига ишончингиз комилми?
— Комил эмас-у, аммо таклиф йўсини барибир менинг ҳақлигимдан дарак бериб турибди.
— Бернс “маъқул йигитлар” билан суҳбат бўлади деганди. У кимларни назарда тутган бўлмаса?
— Ташвишланманг. У ерда нима талаб этилган бўлса, ҳаммаси бўлади. Ливан чаккибосари тажрибасига таянинг. Сиз учун бу оқшом беҳуда кетмайди.
Палмер тоқатсизлик билан афтини буриштирди:
— Сиз жиддийроқ бўлсангиз-чи. Мен эркаклар ҳақида гапираяпман, ахир.
— О, ҳаммаси жойида бўлади. Худди энг яхши хонадонлардагидек, — жилмайди жувон унга жавобан. — Хўш, нима бўлади? Сиз, афтидан, ростданам ташвишланаяпсиз, чоғи? Наҳотки, Бернс сизни ўз оқшомларидан биттасига биринчи марта таклиф қилаётган бўлса?
Палмер қуруққина жилмайди:
— Агар гап шундай оқшомлар устида кетаётган бўлса ва шубҳаларингиз ҳаққоний бўлса, унда бундай таклифларнинг камида ўн-ўн бештасини рад этишдан сизни хабардор қилиб қўйишим керак.
— Нега энди?
Бу масала унинг олдида очиб берган айқаш-уйқаш имкониятларни хаёлан бир тартибга солишга уриниб, у жувонга жим қараб қолди. Охири жувоннинг қаршилигини қабул қилмасликка жазм этиб, бошини чайқади.
— Хўш, нега? — Жувоннинг саволини ўзига қайтарди Палмер.
Бу сафар Виржиния афтига кинояли тус берди.
— Сиз суҳбати олинаётганнинг вазифасини уддалай олмадингиз, — деди у. — Сиз мендан бир-икки жумла илгарилаб кетяпсиз. Бу ҳақда сўраганим учун кечиринг. Бундай саволлар беришим ақлдан эмасди.
— Зинҳор ундай эмас. — Палмер яна ўйлаб олишга улгурмай сўз қотди. У тишларини бир-бирига босди, бироқ юзидаги энг кичик ўзгаришни ҳам жувон сезиб турганини фаҳмлаб, ўз хатосини енгил жилмайиш билан суваб юборишга ҳаракат қилди.
— Нима бўлганда ҳам бу ҳар доим маъносиз эмас.
— Агар бу сизга дахл қиладиган бўлса, умуман ҳар доим эмасми ё шунчаки ҳар доим эмасми?
Палмер чуқур хўрсинди, сўнг тантанавор оҳангда нидо солди:
— Мен шунга асосланиб бу саволга жавоб бермайманки, менинг жавобим айбимга иқрор сифатида, айбнинг билвосита далили сифатида ёки шуни кўриб чиқиш ҳолатига боғлиқ равишда ишга дахлдор бўлмаган арзнома сифатида фойдаланилиши мумкин.
— Аммо сиз прокурор билан эмас, дўст билан гаплашяпсиз-ку, — деди Виржиния. Жувон бироз жим бўлди. — Конституцияга киритилган Бешинчи тузатиш ортига яширинишга ҳожат йўқ.
Йигит бунга ҳеч нарса деб жавоб бермади.
— Агар ёнимиздаги ҳақиқат ҳам дўст бўлса, — қўшиб қўйди жувон ва қуруқшаган лабларидан тилини айлантирди.
Ҳаддан ташқари кўп ичиб қўйганини Палмер эндигина англади. У ҳар бир сўздаги пинҳоний маънодан чўчиб қолганди. Ўзи йўқ хатарлардан хавфсира¬моқда, ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик қилмоқда эди, чунки у росмана ҳушёр одамга хос соғлом ақлга таянадиган аҳволда эмасди-да. Бу шаҳарда унинг дўстлари қаторига қўшадиган биронта одам бўлса, у ҳам Виржиния-ку. Бироқ бу ҳақда унинг ўзига айтиш ўрнига у яна ўз овозини эшитди:
— Ростданам шундаймикан?
 Жувон жавоб беришга шошилмаётганди. Энди Палмернинг ўзи кўриб турибдики, берган саволи аслида ғирт ҳақоратдан бошқа нарса эмас. У бир умр қандай иш тутиб келган бўлса, кўра-била туриб яна шундай иш тутганини тушунди: атрофидагиларни ўзидан маълум масофада сақлаб турарди. Аммо, наҳотки, у ҳозир ҳам шундай қилаётган бўлса? Наҳотки, масофани ўзининг Виржиния билан муносабатларида ҳам сақламоқчи бўлаётган бўлса?
— Бундай савол жавоб беришга арзимайди деб ўйлайман, — деди Виржиния. У гўё полиция машинасининг лип-лип қилган қизил чироғини яна кўришни хоҳлаётгандек Учинчи авенюга индамай кўз югуртирмоқда эди.
— Дўстлик учун камида икки жиҳат талаб этилади, у бир жиҳатли бўлиши мумкин эмас, — деди жувон аста ва ўйчан ҳолда. Бироқ у йигитга ўгирилганда, Палмернинг нигоҳидаги нимадир уни қўшимча қилишга мажбур этди: — Ҳарҳолда мен ўзимни сизга нисбатан дўст тутишга ҳаракат қиламан.
Палмер бош ирғади:
— Биламан.
— Бу муносабат... — Жувон тараддудланди, бироқ барибир гапини охирига етказишга аҳд қилди. — Бу муносабат ортида қандайдир шахсий мажбуриятлар яширинмайди. Сиз тўғри айтгансиз: бизлар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб битта ишни қиламиз. Нега энди бизлар дўст бўлмаслигимиз керак? Тамом, вассалом.
— Биламан, — деди яна Палмер, — мен ж... ж... — У биргина сирни айтишга тўсатдан қийналиб қолганидан хижолат тортиб, кўзларини пирпиратди. У чуқур нафас олди. — Мен жуда сиздан миннатдорман бунинг учун. Раҳмат.
Жувон аста қўлини кўтарди, унинг узун ва ингичка бармоғи бир лаҳза йигитнинг юзига тўқинди. Бу бармоқнинг қанақадир иссиқ туюлиб кетганидан у лол қолди.
— Бу гапни айтиш учун сиз озмунча куч сарфламадингиз. Тўғрими? — Жувон жилмайди.
Палмер икки бор “ҳа” дегандек бош ирғади, унинг гапиришга мажоли қолмаганди.
— Майли, ҳечқиси йўқ, — паст овозда деди жувон. У катта-катта кўзлари билан йигитнинг юзига диққат ила, шошилмай разм солиб чиқди. — Агар керакли сўзларни топиш сизга шунчалик қийин бўлаётган бўлса, буни мен энг яхши лутф деб қабул қиламан. Хайрли тун.
Жувон орқасига бурилди-да, Учинчи авеню бўйлаб юқорига қараб кетди.
Nom: Re: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: Ansora 10 Mart 2010, 17:05:36
Йигирма биринчи боб

Мак Бернс шаҳарда квартира олган уй Ист Ривер қирғоғидаги энг замонавий бино эди. Унинг бутун олд қисмини балконлар сафи қоплаган. Балконлар шундай жойлашганки, ҳар бир квартира яшовчиси дарёни томоша қилиб завқлана оларди. Ўн саккиз қаватли бу бино шаҳарнинг энг серқатнов автойўлларидан бирида қад кўтарган эди. Муниципиал мулк ҳисобланувчи томорқалар устидаги боҳаво жойларни хусусий одамларга сотиш анча сердаромад бўлиб, шаҳар хазинасини тўлдиришнинг ишончли усули эди. Бу ғоя шаҳар бошқармаси вакилларидан бири, ўтмишдошидан кўра ишбилармонроқ бир одамга тегишли эди ва айнан у ҳаво савдосида пинҳон ётган чекловсиз ва анча даромадли имкониятларни ҳисобга олганди.
Палмер панжара олдида турар ва бошини орқага ташлаб, бу муҳташам бинони томоша қилар, бамисоли осмонда парвоз қилаётган бу  кенглик уй эгасига қанчага тушишини ўзича хомчўт қилишга уринарди. Қизиқ, айнан шу тумандаги ҳаво қанча тураркин, шаҳарнинг бошқа қисмларидагидан бу ерда қимматроқмикин? Шаҳар ҳокимиятидагилар харидорга расамаддагидек қилиб топширишдан олдин бу ҳавони тозалаш, уйдан қурум ва заҳарли газларни йўқотиш ғамини еганмиканлар? Тижорат учун  фойдали бу ҳаво қатламлари шаҳар узра қанча баландликкача ястланган?
Агар, худо кўрсатмасин, бу қимматли ҳавонинг бир қисми Атлантика океани узра учиб тушиб, шарққа қараб, сувдан ўн икки миллик сарҳаддан четроққа сузиб кетса-чи? Ундан ҳам ёмони: у ғарбга томон, Виҳоукен шаҳрининг қовоқмия оталари уни кимошди савдосида пуллаб юборишга қарор қиладиган Нью-Жерси томон суриб кетиши ҳам мумкин-ку!
Асил Манхеттен ҳавосидан олиб қолинг! Нархи кўнгилдагидек!
Палмер бинога диққат билан разм сола бошлади. У даҳшатли кўринарди. Тикка букилган мудҳиш балконлар дев қўлидаги улкан чўқморга ўхшайди. Қизиқ, ўйлади у, бу ҳаво қасрида қанақа одамлар яшаркин-а?
Бу ерда ижарага олинган ёки муддатли тўловга сотиб олинган квартира қанчага тушишини у хаёлан бемалол хомчўт қила олар эди. ЮБТХда мана шунақа турдаги биноларга кўплаб бай пуллари қўйилган. Ҳар бир ижара ҳақи кам деганда йилига минг доллар туради. Шундай қилиб, беш хонаси, деразалари қўшни уйга тиралиб турувчи одмигина квартира ижарадорга кам деганда атиги тўрт юз долларга тушса керак. Бироқ кўпчилик квартираларнинг балконлари ҳам бўлганидан уларнинг нархи анча ошар эди.
Палмер дарвозага олиб борувчи йўлакдан аста юриб кетди, ўзича автомашиналарнинг тош йўлдан тўғри ойнаванд бостирма остидаги кенг марказий эшикка келиб туришини ҳисобга олди. Тўрт юз долларли ижарадорлар бу ҳашамли эшикдан кириб-чиқишда фойдаланишлари мумкинмикан? — ўйлади Палмер. — Дарвоқе, бу маҳаллаларда яшовчи бечораҳолларнинг таксида юришларига йўл бўлсин.
Кўчадан ойнаванд девор билан ажратиб қўйилган вестибюл ичкарисида икки швейцар пашша қўриб ўтирарди. Биттаси ҳарбийча шинел ва фуражкада. Иккинчиси — ливрелда. Улар либосларининг сарғиш-қизил рангли француз чет эл легиони полковниги мундирини эслатарди. Шинел ва фуражкадаги швейцар Палмернинг яқинлашиб келаётганини маъюс ва диққат билан кузатиб турарди. Ливрелдаги унинг ҳамкасби телефон коммутатори қопқоғига эриниб ёнбошлаганча Палмер томонга лоақал қия боқиб ҳам қўймади.
Эшигини очиш учун Палмернинг ўзи қўлини чўзгандагина шинелдаги швейцар ошкора норозилик билан уни ланг очди.
— Хайрли кеч, — деди у савол берган оҳангда, гўё об-ҳавога қизиққандай.
— Кимга келдингиз? — дағалгина ғудранди ливрелдаги швейцар.
— Яъни, сизга ким керак эди, демоқчисиз-да? — тўғрилади уни Палмер.
Швейцар ялт этиб унга қаради-да, кейин гавдасини тўғрилаб туриб олди:
— Мени маъзур тутгайсиз.
— Дуруст, — жавоб берди Палмер.
— Мен сўрамоқчи эдимки, келганингиздан кимни воқиф этайлик?
— Мистер Бернсни.
Швейцарларнинг кўзлари катта-катта очилди. Палмер пештахта олдида ғоз туриб олди.
— Эҳ, мистер Бернсми? Бир дақиқа, сэр. — У шартта ўгирилди-да, коммутатор шнуридан тутди.
Азбаройи  чиранганидан лаблари учиб, у бир неча лаҳза керакли рақамларни терди, сўнг куч билан пойнакни уячага тиқди.
— Узр, сэр. Сиз хусусингизда нима деб айтай?
— Вуди, — деди Палмер енгил табассум билан.
— Ҳа, сэр Вуди. Бир дақиқа, сэр, ҳозир айтаман. — У телефон гўшагини қулоғига қаттиқ тираб жавобни кута бошлади. — Мистер Бернс? Бу сизмисиз, сэр? Сэр, сизни мистер Вуди кўрмоқ истайдир. — У пешонасини тириштириб қулоқ солди. — Лекин у киши мистер Вуди дедилар, сэр... — Кейин швейцарнинг юзи табассумдан ёришиб кетди ва у шодон бошини сараклатди. —Ҳа-ҳа, сэр, албатта, мистер Бернс, кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳозироқ бажо бўлади, сэр. — У Палмерга бурилди: — Марҳамат, мистер Вуди, марҳамат, сэр, мана бу ерга марҳамат қилинг.
Швейцарга эргашиб лифт томон борар экан, Палмер шундай мулоҳаза қиларди: бу тоифадаги қулчилик биргина “байрам” муносабати билан мўмай чойчақа олиш истагидан пайдо бўлмайди: рождествогача ҳали узоқ, бунинг устига биронта ҳам ўз қадрини билган одам манфаат юзасидангина адоватли нафратдан ошкора тарзда оёқни ўпишга тайёр ялтоқликка ўтиши мумкин эмас. Йўқ, қатъий тусда ўйлади Палмер. Кўриниб турибдики, гап фақат бу ерда Бернсга нисбатан сахий ва бой ижарадор сифатида муносабатда бўлмаётир. Ундан қўрқишади. Одамни ўлгудай қўрқитиб олибгина уни мана шундай етти букилиб қуллуқ қилишга мажбур этиш мумкин.
У ҳозир кесиб ўтган вестибюлнинг охири йўққа ўхшарди. Ҳар бир қадам ташлашда Палмернинг оёқлари узун патли гиламга шунақанги чуқур ботардики, туфлисининг учлари юпқа чанг қатлами билан қопланди. Деворларга осилган, гирди нафис нақшлар билан қуршалган тошойналар вестибюлни дучандон маҳобатли кўрсатар, унда одам ўзини митти жонзоддай ҳис қила бошларди. Бу маҳобат ҳам камлик қилгандай, Палмернинг йўлида эни камида эллик футлик ҳовуз пайдо бўлди. Палмер уни айланиб ўтишига тўғри келди. Энг ўртада бадани ҳаддан ташқари силлиқ аёл қиёфасини акс эттирувчи улкан ҳажмдаги ҳайкал савлат тўкиб турарди. Унинг сиймоси мутлақо ясси ва сочи ергача тушган. Ҳайкал шиддат билан деярли қоқ ярмигача орқага эгилган, қўли бир қучоқ сочлари орасига кириб кетганди. У қўлини бўшатиб олмоқчими ёки қаддини ростламоқчими, билиб бўлмасди. Фақат бир нарса аниқ эди — шўрқисмат хилқат беҳад оғир аҳволга тушиб қолган. Уч жойдан тизиллаб отилган сув унинг сочлари орасидан ўтиб юқорига интиларди ва бир лаҳза соябон шаклида муаллақ туриб, тропик жаласига хос шиддат билан ҳайкалнинг ён томонига келиб уриларди. Сув томчилари унинг бринч сийнаси ва бошини ноғора қилиб чалар, кейин эса бир жойга тўпланиб бадан бўйлаб пастга оқиб тушарди. Турган-битгани мўъжиза-ку, кўнглидан ўтказди Палмер. Ҳайкалнинг бел ва сонлари ё эҳтиросдан, ё қаттиқ совқотганидан пир-пир учар эди.
Швейцар тавозе билан Палмерни автомат лифтга олиб келди ва ширинсуханлик билан оқ йўл тилаб:
— Ўн саккизинчи қават, шимолий қанот, сэр, — деди-да, бошини эгиб қўйди.
Палмер жавобан бош ирғади, “18” рақамли тугмачани босди ва тезюрар лифтдан орқада қолиб, юраги пастга тушиб кетаётгандай ҳис қилди.
Ичидан Бернс қўли билан имлаб чақириб турган очиқ эшиккача етиб олишдан аввал у маъюс кулранг тусдаги йўлакда бир неча дақиқа адашиб юрди. Тирноқларига обдон оро берилган ва тилла тугма ялтираб турган бу бармоқларни ҳатто бир неча метр узоқдан ҳам бехато таниб олса бўларди.
— Швейцарнинг айтишича, мени Вуди кўрмоқчи экан, — деди Бернс кинояли жилмайиб. — Демак, сиз лақаб остида яширинмоқчи бўлибсиз-да?
— Кечикканим учун узр, — деди Палмер ташаббусни қўлга олиб.
Бернс эшикка наридан-бери суяниб тик турарди. Худди узоқ масофани ҳозиргина чопиб ўтган одамдай, унинг қорача юзи ял-ял ёнарди.
— Сиз кутганимдан ҳам олдин келдингиз, бўтам, — Палмерни ишонтириб деди у. — Қани, бўлмаса дарё бўйидаги кулбаи вайронамизга марҳамат қилсинлар.
— Наҳотки биринчи бўлиб мен келган бўлсам? — сўради Палмер, унинг ёнидан аста хона ичига ўтар экан.
— Ҳа, энди жуда биринчи бўлмасангиз ҳам, — бетакаллуф равишда ҳиринглади Бернс, — аммо энг азизисиз.
Палмернинг юзи тиришди:
— Мен бўлсам шошмай шунча йўлни яёв юриб келибман.
— Бўтам, сен яёв юрмаслигинг керак эди, — димоғидан минғирлаб гапирди Бернс. У, афтидан, ғирт маст эди ва одатдаги бурро-бурро талаффузлари ўрнига бу сафар сўзларини чала-чулпа қилиб, бир-бирига қўшиб гапирмоқда эди.
— Улфатлар билан жиндай сайр қилиб қолдим, — Палмер ўз аксини ўйма нақш солинган қизил дарахт рамкасидаги тошойнада кўриб қолди. Даҳлиздаги ҳамма буюмлар эски эди. Хона ичидан ниманидир қизғин муҳокама қилаётган одамларнинг босиқ овозлари келиб турарди.
— Эҳ офатижон мисс Клэри! — Бернс астагина димоғида кулиб қўйди. — Виржиния, газета маъбудаси бўлган улфатчиликда, — дона-дона қилиб деди у. — Чақилмас тош ёнғоқ.
Палмер елкасини совуқ учириб қўйди.
— У ғоят ақлли ёш хонимдай таассурот пайдо қилади.
— Ақлли? — Бернс жим бўлиб қолди. — Э-ҳа, ақлли! — У қаттиқ бош ирғади: — Ҳа, шубҳасиз. Лекин биласанми, у нимага ўхшайди, хўш? Телефон станциясига ўхшайди. — У бармоғи билан Палмер пиджагининг ҳошиясига чертиб қўйди. — Биласанми нима учун? Худди телефон станциясидек, унда барча рақамлар банд бўлади! — Ўзича жуда топиб айтдим деб у бутунлай ҳаяжонланиб кетди ва мамнун ҳолда ҳиринглаб кулди.
— Уни бирга юра қол деган эдим, — қўшимча қилди Палмер, — лекин у кўнмади.
Бернс бир неча лаҳза ўй суриб қолди.
— Барака топгур яхши қизларимиздан у, — охири деди у.
— Тушунмадим.
Бернс елка қисиб қўйди:
— Ҳозир кўнгилхушлик қилиш мавриди эмас, жонгинам. У гап нимадалигини билади. Демак, яхши қиз, барака топсин.
Палмер тишларини қисди.
— Мен уни бу ерга  у мақсадда таклиф этмагандим.
Бернс яна ҳиринглади.
— Э-ҳа, бунақа дилхушлик учун сизнинг бошқа паккангиз борми? Ҳа? Менга қара, Вуди, менга тегишли бўлган ҳамма нарса, билгинки, сеники ҳам. Бутун мана шу квартира сенинг ихтиёрингда, бундан бошқа хилват жой тополмайсан ҳам. Мен мутлақо жиддий айтаяпман. Сен ўзингни бу ерда хўжайин деб бил ва бир нарсани ҳисобга ол: сенинг мендан бирон нарса сўрашингга ҳожат йўқ, сен фақат олдиндан огоҳлантириб қўйсанг бўлгани, токи мен бемаврид кириб қолмай, тамом-вассалом.
Палмер унга бир аччиқ-тизиқ гап қилмоқчи бўлди, бироқ энди гапиришга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Бернс унинг қўлидан тутди-да, тезгина меҳмонхона йўлагига олиб кириб кетди.
Замонавий шведча услубга даъвогарлик; ўзича ўйлади Палмер. Бу ерда очиқ ранглар устунлик қиларди: тик дарахти ва оқ ёғочдан ясалган мебел, қопламаларда оқ, кулранг ва қора тўртбурчак шакллар. Қандил ва торшерлар чирмовуқ ва похол кўринишидаги мураккаб ўримлар билан бирлаштирилган ёки ажратилган қандайдир ғалати шиша буюмлардан ясалган. Кенгбар чорси хонанинг қоқ ўртасида антиқа шаклдаги узун патли улкан оқ гилам тўшалган. Гиламнинг ўртасида пастак, қарийб икки энлик қалинликдаги ойна қопланган  коктейл столида ичида қирмизи ичимлиги ва сузиб юрган музлари бор бақалоқ, залворли қадаҳлар ялтирарди. Қадаҳларнинг ярмигача ичилганди.
— Гиламга қара, — ғудранди Бернс шеригининг қулоғига. — Матрасга ўхшаб, у паралонли. Шу боис, бўталоғим, столни олсанг бўлди, қаршингда бутун шаҳардаги энг катта, энг улуғвор, энг қулай каравот муҳайё. Тўрт томонга қараб думалайвер сўнг. Хўш, етиб боргандир?
Палмер атрофига аланглади, саломлашди. Ҳа, бу одамлар унга таниш эди. Тўрдаги бурчакда, зангламайдиган пўлатдан ясалган камин олдида Катта Вик Калхэйн ўтирарди. Пастак кенг ўриндиққа, қарийб чўкиб кетганига қарамай, унинг барваста зилдай гавдаси ўзининг чорпаҳиллиги билан унга кўзи тушган ҳар қандай одамни шошириб қўярди. Олдинга чўзиб олган бақувват оёқлари ҳам кенг дарё устидан қурилган кўприкдай мустаҳкам кўринарди. Унинг қоядай кўкси ва елкаси яна ҳам ҳайбатли эди, чунки пиджаги охиригача қаппайиб турарди. Ўрта денгиз одами бўлган Калхэйннинг нисбатан унча катта бўлмаган, тўғри шаклдаги боши ва қорача юзи, бежиримгина ирландча бурнини яна унинг сиёсий фаолиятининг яна бир унсури — иккинчи жаҳон урушидан буён сақлаб келган солдатча калта қилиб олинган соқоли тўлдириб турарди. Шуларни кузатар экан, Палмер бу одамнинг жисмоний қудратига боз маҳлиё бўлиб қолди, ҳатто дам олиш дақиқаларида ҳам тоғдай барвасталиги ва  мустаҳкамлиги билан ақлни лол қолдирарди. Унинг яшилтоб мовий кўзлари узун киприклари орасидан Палмерга ялт этиб қаради. Калхэйн унга салом бергандек тантанавор кўз қисиб қўйди, кейин эса кўзининг қири билан у билан ёнма-ён ўтирган Оуги Принсга қараб қўйди.
Гарчи Принс у қадар ушоқ гавдали одам бўлмаса-да, Калхэйннинг ёнида у лилипутга ўхшаб кетарди. Одатдагидек, у дид билан кийинган эди: ихчам тикилган шим, сўнгги модадаги аъло пиджак, оч жигарранг тусли кўйлак, унга билинар-билинмас гул тикилган, бир-бирига зид ранглардан ола-була галстук. Принсга қайси томондан туриб қарама, унинг танаси тиғдай энсиз кўринарди, лекин, — дилидан ўтказди Палмер — бу энсизлик нафислик ёки хушқоматлик каби сифатлар билан ҳеч қандай умумийликка эга эмасди.
Принс хиёл олдинга эгилиб, оёқларини бир-бирига миндириб ўтирар ва Калхэйнга афтидан иккови ҳам тиш қайраб турган радио шарҳловчиси ҳақидаги воқеани гапириб бермоқда эди. Принснинг ўзи сиёсий репортер бўлиб, ҳар доим гоҳ Олбанига, гоҳ Вашингтонга иш сафари билан бориб турарди.
Принснинг ортида Бернс бирмунча сўнгги, энг урф бўлган китоблар териб қўйилган жавонига суяниб Эл Конн тик турарди. Бир қарашда у Палмернинг тахминлари ичида энг ўртамиёна ва кўримсиздек таассурот туғдирарди: бурни ўртача, сочи хира қўнғир-кулранг тусли, агар иккала кўзини айтмаса, юзида ҳеч бир диққатни тортадиган аломат кўринмасди. Аммо ана шу кўзлар унинг кимлигини яққол айтиб турарди.
Палмер уларни кузатиб турган вақтда Коннинг ирғиб чиққан, салқи қовоқлари остидаги бу ғайриоддий кўзлари у қўлида ушлаб турган китоб саҳифалари бўйлаб тез-тез югурар эди. Палмер Коннинг қалқонсимон без касаллиги билан оғриса керак ва шу боис бусиз ҳам катта-катта, хиёл бўртиқ кўзлари ана-мана косасидан ирғиб чиқиб кетадигандек туюлса керак, деган тўхтамга келди. Бу кўзларда ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган очлик бор эди. Улар йўлида учраган ҳамма нарсани еб-ютади. Ундан ташқари Конн, одатда гўё кўзларидаги очкўзлик чет нигоҳлардан яширинмоқчи бўлгандек, кенг гардишли катта кўзойнак тақарди. Бироқ дўстлари орасида у аксар ҳолларда кўзойнаксиз бемалол ўтираверарди. Ҳа, фикр юритарди Палмер, Коннинг дўстлари кўп. Тағин турли соҳаларда.
Конн қурилиш фирмасининг бошлиғи сифатида кенг тарқалган, қурилиш бўйича пудратда яхши ишлаб топадиган компаниялардан бирининг акциялари эгаси. У яна кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиган бир қанча компанияларда ҳам иштирок этарди, бунинг устига, хусусий автобус компаниялари ва такси паркларининг шерикликдаги эгаларидан бири, металл конструкциялар ишлаб чиқариш бўйича концерн директори, шаҳарлараро автоулов билан боғлиқ бир қанча фирмалар ва суғурта компаниялар директорларидан бири эди. Айни вақтда, ҳеч ҳам тасодиф эмас, Конн демократик партия маҳаллий қўмитаси учун маблағларни энг жадал йиғувчилардан бири сифатида танилган. Сайлов компаниялари вақтида унинг бир ўзи қолган барча тўпловчиларни биргаликда олинганидан ҳам кўпроқ пул тўплаганди. Унинг беҳисоб дўстлари у билан суҳбатда дўстона бетакаллуфлик билан уни Эл деб атар эдилар, кўзлари учун эса гоҳо “чийдан ташқари мэр” ёки “Конн жаноби олийлари” деб чақиришарди.
— ... Ўтган ҳафта радиостудияда мана бундай иш бўлди, — ҳикоя қиларди Оуги Принс. — Биз бу радиоғийбатчини бир умр эсдан чиқмайдиган қилиб тузлашга қарор қилдик. Хўпми? Ярим тунда қизалоқни студияга олиб келдик, худди ўша... — Палмер Коннга имо қилди ва Бернсни хона бурчагидаги барга олиб ўтишга лоқайдлик билан изн берди, у ерда қўлини кенг ёйиб, энг қимматбаҳо винолардан бутун бир дунёсини кўрсатди.
— Нима ичасан, Вуди?
Палмер йўқ дегандай бошини чайқади:
— Дўстлар менинг столимда роса кучанишди. Энди мен — таслим.
— Бир қултумгина ўтар томоғингдан? Балки содалиси кетар?
— Яхшиси, занжабилли пиво бера қол.
— ... шу десангиз биз сўнгги ахборотнинг ўн дақиқалик эшиттириши вақти келиши учун кутиб турган эдик. Хўпми? — давом этди Принс. — У янгиликлар маълумотини ўқиётганида, уни, албатта, бўлиб бўлмайди. Шу десангиз, биз пайтдан фойдаланиб қолдик: у микрофонни улаб, эшиттиришни бошлаши ҳамон биз унинг жемпери ёқасининг ярмигача чўзиб тортдик-да, стулга маҳкам боғлаб қўйдик. У эса бу вақт давомида микрофонга гапираверди ва эшиттириш эфирга кетаверди. Билдингиз? Кейин биз унинг шимини ечиб олдик ва биласизми — шимсиз ўтирибди-да, сўнгги воқеалар ҳақидаги нималарнидир алжираяпти. Овози эса ҳалигидақа — ана-мана ув тортиб юборадиган. Зап бўлди-да! Шу жойда биз ҳалиги қизалоқни студияга судраб келдик. У ишга тушиб кетди. Йигитчага эса эшиттириш охиригача яна саккиз дақиқача қолган...
Конн Оуги Принс томон хиёл ўгирилди. Унинг еб қўйгудек қарайдиган кўзлари у варақлаб турган китоб саҳифаларини бир дақиқача ўз ҳолига қўйди ва латифани еб ютиш учун Принс томон қадалди. Бу очкўз нигоҳнинг оғирлигини ўзида ҳис қилган Калхэйн ўгирилди-да, Коннга кўз қисиб қўйди.
Бернс Палмернинг қўлига залворли қадаҳни зўр бериб ушлатмоқчи бўларди:
— Менга қара, мен ҳали ичишдан бош тортадиган банкирни кўрмаганман.
— Эҳтимол, — маъқуллади Палмер.
— ... ва кўрадиганини кўрди қизгина, — давом этди Оуги Принс. — Ҳаммаси миридан-сиригача ҳисоб-китоб қилиб қўйилганди. Ўқишга унга 40 сония вақт қолганди, шунда... Уҳ! Бюллетеннинг сўнгги сатрларини у қандай ўқиганини бир эшитганингда борми. Тўғридан-тўғри эфирга! Азбаройи кишнаганимиздан эшиттириш тугаганини билмай қолаёзибмиз. Шунда биз қизалоқни олиб олдик-да, кейинги репортаж бошланишидан олдин кўз очиб-юмгунча студиядан чиқиб кетдик... Кулавериб ичагимиз узилди! — Кулгидан Калхэйннинг ўпкаси унинг босқондай кўксини бадтар шишириб юборди. Бироқ арслон ўкириги ўрнига Палмер, во ажабо, нима деса бўлади, мушукнинг миёвлашига ўхшаган ингичка овозни эшитди, холос.
— Менга қара, Оуги, — деди Калхэйн, — балки банкет вақтида нотиқларнинг биронтаси билан шунақа бир томоша кўрсатсам бўлар?
Принснинг қулоқтешар қағиллаши Палмернинг эшитишига йўл қўймади.
— Биласанми, мен бунга таваккал қилолмасдим, Вик, — жавоб берди у, елпиниб. — Йигитча мен билан шунақанги ўчакишиб қолганки, бир ҳафтадан бери ундан қочиб юрибман.
— Нима, у сенинг таъзирингни бериб қўймоқчими?
— Ҳе-йўқ, у ҳалиги қизнинг исмини билмоқчи, холос, — деди Принс, — мен эса унга айтмайман.
Палмер деворларни зириллатиб юборган қаҳ-қаҳ кулги овозидан юзини буриштирди. Унинг ёнида турган Бернс завқланганидан нуқул “қойил-қойил” дерди. Конннинг кескин ва чийиллоқ кулгилари миттигина, аммо гажир лайчанинг акиллашини эслатарди ва Принснинг ҳаяжонли чийиллашини паналаб турарди. Калхэйннинг кўс ноғора гумбурини эслатувчи бир маромдаги қаҳқаҳаси ушбу илҳомбахш ансамбл учун тагзамин бўлиб хизмат қиларди.
— Оуги, — деб гап бошлади Эл Конн, — агар сен фақат...
— Ҳе-йўқ, сен ҳам, дўстим, унинг номини билмайсан! — аста қичқирди Принс.
Палмер янги қаҳқаҳаларнинг бир дақиқалик тўлқинидан фойдаланиб, хонани кесиб ўтди ва тўғри Калхэйннинг рўпарасидаги ўриндиққа бориб чўкди. Хонага бамисоли воиз ёки бўлмаса шу ерда ҳозир бўлганлардан биронтасининг хотини кириб келгандай бўлди. Орага чуқур сукунат чўкди ва бирдан Палмернинг миясига сенга унча таниш бўлмаган тор даврага тушиб қолганингда маълум қулайликка эга бўласан ва қарши овоз беришга ўхшаган ҳуқуқни қўлга киритасан деган гап келиб қолди.
Тўртталалари хавотир билан Палмерга тикилиб қолишди. Уларнинг дурустгина тажрибасига қарамай, юзага келган кескинликни қандай юмшатиш йўлини дарров топа олишади. Ниҳоят Конн яна кулиб юборди, фақат бу гал бошқача, гўё завқли, аммо Палмернинг жирканч воқеага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган воқеани эслагандек кулди.
— Биласизми, нима демоқчиман, — насиҳатомуз гапирди у, — модомики биз ҳали кучли қобилиятимиздан маҳрум бўлмаган эканмиз, бу ёруғ дунёда яшаса бўларкан! Энди уйнинг эгаси сифатида Бернс томошанинг бирдан кескин ривожланишига раҳбарлик қилиш ташаббусини ўз қўлига олди ва бу спектаклнинг иккинчи кўринишига ўтди.
— Шундай қилиб, шўх болалар, — деди у, — шуни сизларга эслатиб қўяйки, Олбанида қонун чиқаруви йиғилишнинг навбатдаги  сессияси очилишигача роса бир ярим ой қолди.
— Вой-вой, ўлдик! — оҳ тортди Калхэйн, кулгили тарздаги ночорлик билан ўзининг шотидай қўлларини осмонга кўтариб.
— Мак ҳақ, — теран маъноли қилиб деди Конн. — Олишув бўлиши муқаррар, бир бало қилиб бу тугунни ечмаса бўлмайди: ё остидан, ё устидан!
Палмер кўзлари очкўз бу одамга қизиқиш билан қараб қўйди. Бир жумлада бир эмас, бир неча маъно англатадиган ташбеҳ ишлатиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
— Менга маълум бўлишича, — гап бошлади Палмер, — биринчидан...
— Оуги, азизим, — унинг сўзини бўлди Бернс, Принс томонга бурилиб, — назаримда, сен қаёққадир шошиб турувдинг-ку, шундайми?
Принс дик этиб ўрнидан турди. Унинг бу ҳаракати Палмернинг тахминини тасдиқлади: репортёр шу ишорани кутиб турган эди, холос.
— Ҳа, ҳа, бугун пайшанба-ку, Макки, — шошиб деди Принс, эшик томон йўналаркан, — ишим эса бошимдан ошиб ётибди у ёқда, мен кетдим.
— Бўпти, — Бернс репортёрни тирсагидан тутди ва иккаласи вестибюлга чиқиб кетди. Кўп ўтмай Палмер уларнинг анча баланд овозда гаплашишаётганини эшитди, улар жанжаллашиб қолишмаганди-ку, бироқ афтидан, бир нимада келишолмаётишганди. Палмер, турди-да, бар олдига борди, қадаҳларга яна муздан солмоқчидек қилиб кўрсатди ўзини. Бу ердан қўлларини тез-тез силтаб гапираётган Бернс аниқ кўриниб турарди; унинг қўлида катта қора ҳамён бор эди. Охири Бернс елка қисди, ассигнацияни суғурди ва уни Принсга берди, Принс пулни дарҳол худди Бернсникига ўхшаган ҳамёнига солиб қўйди. Палмер қадаҳига яна бир чақмоқ муз ташлади-да, жойига қайтди.
— Менинг ўйлашимча, — яна гап бошлади у, — биз қиладиган биринчи иш...
Калхэйн аста бошини чайқади, Палмерга жилмайди ва бароқ қошларини бир неча марта кўтариб-туширди.
Даҳлиз эшиги ёпилди ва Бернс ҳамёнини ички чўнтагига яшириб, меҳмонхона бўлмасига қайтиб келди.
— Ҳаммаси бир гўр, — ғудранди у Палмернинг ёнига келиб ўтираркан. — Уларга ишониб бўлмайди.
— Улар сизнинг қарамоғингизда бўлишса ҳамми? — сўради ундан Палмер.
Сукунатни Коннинг акиллашга ўхшаган кулгиси бузди.
— Сендан жавоб кутаяпмиз, Мэккижон, — деди у.
Бернс ясама соддадиллик ва ўшандай ясама ачиниш билан мийиғида кулиб қўйди. Унинг энсиз бурун катаклари керилди.
— Мен учун, — чўзиб гапирди у, — газетачи касбидан ифлос касб дунёда йўқ. Улар орасида, балки уч-тўртта ҳалол одам топилиб қолар. Аммо билингларки, қароқларим, сизлар сиёсатчилар, полициячилар ёки бизнесменлар ҳақида икки оғиз гап айтишга улгурмаёқ газетачилар аллақачон бутун бир китобни тайёр қилиб қўйишади.
— Реклама ва матбуот билан шуғулланадиган одамдан бу гапни эшитиш ғалати бўларкан, — деди Палмер. — Сиз уларнинг кўпчилиги сотқин бўлади демоқчимисиз? Ёки сиз ўзингиз уларнинг кўпчилигини сотиб олганмисиз?
— Бу ёғи энди касб сири, — жавоб берди Бернс.
— Мен банкир сифатида бунга қизиқаётибман, — эътироз билдирди Палмер. — Сизга қанча тўлашларини мен биламан ва бундай ҳисобга етиб бўлмайдиган харажатларда ҳеч қанақа пул бакор келмайди деб қўрқаман.
— Бернсдан ташвиш қилманг, — нидо солди Конн, — бу йигит мушукнинг ўзи: йиқилса ҳам тўрттала оёғи билан тушади.
— Тўққиз умр ҳақида ҳам унутманг, — маъюс қўшиб қўйди Калхэйн.
— Барибир мен учун бир нарса қизиқ туюлади, — ўзини бир энлик ҳам юқори олмай, дўстона тарзда гапиришга ҳаракат қилиб, уқдирди Палмер. — Матбуотга нега ёппасига ташланиб қолдингиз? Наҳотки, уларнинг бари пулга сотиладиган одамлар бўлса? Агар шундай бўлса, буни изоҳлаб бера оласизми?
Бернс аввал бошини ғамгин чайқаб қўйди, шундан кейин гапира бошлади:
— Эҳтимол, сиз улар орасида ҳеч нарса билан сотиб бўлмайдиганларни учратарсиз. Аммо ундайлар бармоқ билан санарли. Нима учун? — У ўрнидан турди ва хона бўйлаб салмоқ билан у ёқдан-бу ёққа одимлай бошлади. — Бу йигитлар ҳафтасига қанчадан олишларини биласизларми? Ҳатто шартнома билан-а?
— Маоши кичик одамлар жуда кўп, — эътироз билдирди Палмер, — лекин бу уларнинг ҳар бирини сотиб олиш мумкин деган гап эмас-ку.
— Бу тўғри, лекин уларнинг барчаси ҳам газетачилардай катта имкониятга эга эмас-да — мана шу нарса бузади, ҳа, шу нарса, — тушунтирди Бернс. — Пулга муҳтожликнинг эмас, балки унинг ўрнини босадиган бирон нарсага имкон туғдириш ҳам. Полициячилар ҳам маълум ҳокимиятга эгалар. Аммо полициячилар — улар асосан ўртадан юқори бўлмаган маълумотга эга йигитлар. Бизнинг замонда газеталарда коллежни битирган одамларни тез-тез кўрасан, айримларида эса ҳатто иккитадан илмий даражаси бор. Полициячи арзимаган порага кўниб қўя қолади ва ўғридай шу билан гумдон бўлади, газетадаги йигитлар-чи — димоғларига хода етмайди. Унга бирон тозароғини топиб беришим керак. Уни фақат пулга ҳар доим ҳам сотиб олиб бўлмайди. Унинг жонига кушанда бўладиган учта васваса бор: пул, ҳокимият ва кибр. Шулардан унинг бошига тезроқ етадигани — кибр. Агар бундоқ дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрганда, газетачи ўзи нима? У ҳаддан ташқари кўп фильмларни кўрган, ҳаддан ташқари кўп воқеалар ҳақидаги китобларни ўқиган ва дунёдаги энг жирканч бир касбга ишқи тушиб қолган. Токи у шу касбни жонидан ортиқ севаркан, у ҳеч қачон юқорига тирмашиб чиқа олмайди. У бошқа йигитларни, ҳокимият, шон-шуҳрат, бойликка эришган ўз тенгқурларини кўрди. У бўлса ҳафтасига арзимаган бир неча доллар берадиган ишга михланиб қолган. Бу қанақа иш ўзи? У бировларнинг ифлос ички кийимларини титкилашига, бировларнинг тупугидан репортажлар пиширишига тўғри келади. Унга арзимайдиган материал келиб тушганда эса — у буни боплаб чиқаролмайди. Буни у ўзи билади ҳам. Унинг устида турганлар, агар у бу материални эълон қилгудек бўлса, ўзини қуритиб юборадилар. Хуллас, унинг қиёфаси шу: ачиб-бижиган ёшликдаги орзулар, бой берилган умидлар, уни ҳасад еб битиради, жамиятда ўз ўрнини топиш учун тинмай кураш олиб бориш унинг ўзига зиён келтиради — агар у пулга сотиладиган газетачига айланадиган бўлса, бунинг нимасига ажабланиш мумкин?
Жимлик чўкди. Калхэйн эшитилар-эшитилмас кулиб қўйди.
— Қаёқдаги гапларни гапирасан-да, Мак, — деди у, — сен айтган нарсани ер юзидаги ҳар қандай одам ҳақида айтса бўлади.


Йигирма иккинчи боб

Кўп ўтмай ярим тундан кейин Конн бундай кўнгилхушликлар учун кексалик қилишини баҳона қилиб у ердан кетди, ҳолбуки шерикларининг ҳар биридан у унчалик катта эмасди.
— Бунинг устига, — деди у ўзининг оч кўзлари билан ҳаммага бир-бир қараб, — мен қанча кам нарса билсам, кейинчалик ўзимни шунча оз англашимга тўғри келади.
У кетгандан кейин тахминан соат бир яримгача Бернс билан Калхэйн ичишда давом этишди. Ниҳоят Палмер ҳам яна шотланд вискисига ружу қўйди, чунки у ўзини ёлғиз ҳис қила бошлаганди — бу даврада нисбатан ҳушёр унинг ўзи қолганди. Суҳбат Олбанидаги турли қўмиталар ва одамлар ҳақида борди, суҳбат шунақанги чалкаш тус олдики, бу ерда гап нима ҳақида кетаётганини фақат қилни қирқ ёрган одамгина англай оларди. Охирида тили зўрға айланаётган Калхэйннинг оғзидан, Палмернинг фикрича, уларнинг баҳсларига якун ясовчи ғоятда жўяли бир гап отилиб чиқди:
— Бу ишни банк доирасидан чиқариб оламиз-да, рингга ҳайдаб кирамиз, Бернс билан Жим у ерда бир-бирини бўрсиқнинг боласидай дўппосласин. Бу орада қари така уларнинг қонун лойиҳасини иштонининг ичига яшириб олсин.
— Фақат Хэм эсининг борида этагини ёпса яхши бўларди, — деди Бернс.
Тунги соат иккида бошқа муаммоларни унутишди, уларни англаш Палмерга унча қийин бўлмади.
— Эшитишимча, — деди Бернс сўзларни ямлаб-ямлаб, — “Меррей Хилл” Гаррининг уйи ва яна унинг иккита фермасига бай пулини ушлаб турганмиш. — У аста Палмерга бурилди. — Тўғрими гапим?
— Агар гап мен назарда тутган Гарри ҳақида кетаётган бўлса, — дудмалроқ қилиб жавоб берди Палмер, — бу ҳақда ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман. Билганим шуки, унга тумандаги йирик тижорат банки ҳуқуқ маслаҳатчиси сифатида унинг хизматларидан фойдаланади.
— Унда, сизнингча, буни оҳанрабодай тортаётган нарса нима? — ўсмоқчилади Калхэйн. — Уй ва фермаларми ё адвокатнинг иссиққина ўрними?
Бернс елка қисди:
— “Меррей Хилл” унинг уй ва фермаларини мусодара қилолмайди. Гаррининг бўйнида ҳеч қандай қарз, ҳеч қандай мажбурият йўқ. — Бернс яна Палмерга мўлтайиб қаради: — Тўғри айтаяпсанми?
— Бундан хабарим йўқ. У ҳақида кредит бошқармасида у-бу нарсани билиб олса бўлади.
— Гарри ҳақида у ерда кўп нарса билолмайсан, — деди Калхэйн. — У тўловларни тўлашга қодир.
— Буюк иш — жорий ҳисоб, — хаёл суриб деди Бернс, — агар кимдадир бор бўлса, бу шубҳасиз Гарри бўлади. Тўғри айтяпманми, Вуди?
— Нимани назарда тутаяпсиз, ўзи? — сўради Палмер.
— Мен назарда тутмаяпман, — тушунтириб деди Бернс, — яъни шуни назарда тутаманки, Гарри на фақат хўжакўрсинга (чунки вискига ҳам, таксига ҳам у тўлайди), балки чинакамига тўловларни тўлашга қодир, тўғрими?
— Жорий ҳисоблар турлича бўлади, — оғзидан эшилиб чиқаётган сўзларга эринибгина қулоқ солиб ғудранди Палмер, — баъзилари виски қултумидек ўзлари оқиб келади, баъзилари эса...
Калхэйн ҳамдардлик билан бош ирғади.
— Сиз анавиндан жуда ошириб юборибсиз, — хабар қилди у Палмерга.
— Йўғ-е? — суюниб ҳайрон бўлди Палмер.
Бернс ниманидир миясида пишитарди.
— Хўш, ҳаммасини гаплашиб олдиларингми? Ё гаплашмаган бирон нарса қолдими?
— Йўқ, — ишонтирди уни Калхэйн.
— Унда, демак, қизларни чақирамизми? — таклиф қилди Бернс.
— Менга керак эмас, — деди Калхэйн. — Айтдим-ку, руҳоний бўлишга тайёргарлик кўряпман деб. Иккита нарсага онт ичганман — бокираликка ва ҳирсни ўлдиришга.
— Қасамларингга содиқсан, — минғирлади Бернс. — Хушахлоқ болакай. — У яна Палмерга бурилиб қаради. —Хўш, қизларга қалайсан, Вуди?
— Унга ҳам ҳеч ким керак эмас, — эълон қилди Калхэйн.
— Иккита онт ичганман, — тушунтирди Палмер, ўнг қўлини кўтариб, — ҳақиқатни гапиришга тантанавор онт ичганман.
— Конституцияга киритилган Бешинчи тузатишдан фойдаланиб қолинг, — маслаҳат берди унга Калхэйн.
— Алдамайман, — давом этди Палмер. — Садоқатга содиқман, бесоқолбозлик каби нарсаларга қаршиман...
Бернс оқ телефонни ўзи томон сурди-да, рақам терди.
— Шафтолимисан? — сўради у. — Бу Мак. Сени уйғотиб юбордимми?
— Шафтолини олманг, — огоҳлантирди Калхэйн Палмерни, санъаткорона шивирлаб. — У ҳаддан ташқари бесаранжом.
— ... Биз ихчамгина улфатбозлик қилган эдик, — дерди Бернс гўшакка, — икки-учта йигитчадан иборат.
— Сизга унинг танлаганлари ёқмайди, — деди Калхэйн, — улар орасида битта ҳам жажжи қизалоқ йўқ. Ҳаммаси аллақаёқдаги рўдаполар. Умуман, арзимайдиган иш.
— ... Ўзинг билан биронта портловчи хотинни олвол, Шафтоли, — деди Бернс.
— Унга айнан шунақалар ёқади, — давом этди Калхэйн, — мени ҳам шундайлар билан таъминлашга ўрганган, чунки менинг гавдамга улар мос келади-да. Унинг ўзи эса Голливуддалик вақтидаёқ шунақаларга мазахўрак бўлиб қолган, уни келбатлари тортади. Қаерлардан қидириб топаркин-а уларни? Қидирсанг, кундуз чироқ ёқиб тополмайсан. Биронтаси Ғарбий соҳилдан шаҳарга тушиб қолгудек бўлса, дарҳол бунга қўнғироқ қилади. — Калхэйн кучаниб ўрнидан турди, Бернснинг олдига борди ва ундан гўшакни юлқиб олди.
— Шафтоли, — бўкирди у гўшакка, — агар бунақа кеч ётадиган бўлсанг, сенинг ҳайратомуз тараққиётингда таназзул бошланади. Хайрли тун, дўндиқча! — У гўшакни осди.
— Сени қара-ю, Вик, — деди норози оҳангда чўзиб Бернс, — мен уни энди чоғлаб бўлувдим-а...
— Эртага бизда катта ишлар бор, — гумбурлаб деди Калхэйн, салобати билан уларни босиб. — Мен, оғайни, кетмасам бўлмайди. Тушлик нима бўлади?
Бернс бу девқомат нусха олдида оз бўлса ҳам савлатли кўринишга беҳуда ҳаракат қилиб гавдасини чўзди.
— Бўпти, бор, хотинингнинг пешонасидан ўпиб қўй.
У Калхэйннинг кутилмаган чаққонлик билан эшик томон йўналганини кузатиб турарди.
— Тушликда кўришгунча! — унинг изидан қичқирди Бернс.
— Бўпти.
Калхэйн Палмерга ўгирилди:
— Сиз ҳам кетсангиз бўларди, Вуди. Унинг ўн тонналик тансиқ таомларидан татиб кўришни кўнглингиз тусамай қўя қолсин. Соғ бўлинг. — Эшик шовқинсиз ёпилди.
Бернс икки-ўн бирни терди.
— Диспетчерни чақиринг, илтимос. — У кутиб турди, сўнг диспетчерга қандайдир рақамни айтди ва тирноқларига диққат билан разм солганча яна кутиб турди: — Томмимисан? У тушяпти, машинани ўт олдир. Хайрли тун.
— Калхэйннинг ҳайдовчисими? — сўради Палмер.
Бернс бош ирғади.
— Семиз хонимчалар дидингга ёқадими? — сўради у. — Ёки синаб кўрмаганмисан?
— Анчадан бери улар билан ишим йўқ, — жавоб берди Палмер.
— Роса маза қиласан, оғайни. Биласанми, силасанг қўлинг тўлади.
— Эҳтимол, — деди Палмер. Тиззаларида санчиқли оғриқдан юзи буришиб, у секин ўрнидан турди. — Ҳозир такси тутиб бўлмаса керакдир?
— Қанақа такси яна? — ҳайрон бўлди Бернс. — Менинг ҳайдовчим олиб бориб қўяди сени.
Палмер соатига қаради:
— Уни шундай бемаҳалда безовта қилишнинг ҳожати йўқ, у аллақачон ухлаб қолган.
— Менинг ҳайдовчим мен билан бир вақтда ётиб ухлайди, — деди Бернс ва ярми ичилган қадаҳларга қараб маъносиз ҳиринглади. У гурс этиб ўзини ўриндиққа ташларкан, “ҳиҳ” деб қўйди ва Палмернинг галстугига тикилганича бирмунча муддат ўтириб қолди. Сўнг нигоҳини унинг юзига олди.
— Ҳой оғайни! — деди у ниҳоят.
— Сиз ҳам, ҳайдовчингиз ҳам энди ётиб ухланглар, — деди Палмер. Бернс аста бошини чайқади.
— Айт-чи, пандавақи, тонготарда уйга қайтиб борсанг, хотининг нима деб ўйлайди?
Саволга жавоб бераймикан ё яхшиси, уйга жўнавораймикан деб Палмер нима қилишини билмай бирмунча муддат туриб қолди. Ўзи ҳам кутмаган ҳолда ўз жавобини эшитди:
— Билмай қолдим. Мен келганимда у ухлаб ётган бўлади.
— Сени ҳеч қачон кутмайдими?
— Йўқ. Агар эртароқ қайтаман деб хабар қилсам бошқа гап.
Бернс кинояли жилмайди.
— Эрталаб тергайвериб жонингни эговламайдими?
— Йўқ.
— Наҳотки бирон марта қаерда юрибсан тонг отгунча, деб сўрамаган бўлса?
— Йўқ, бунақа бўлганини ҳеч эслолмайман.
Бернс хўрсинди.
— Оҳ, гавҳарим, — сўзларни димоғидан чиқариб, хиргойи қилиб деди у. — Шундай осон ва қулай ўрнашиб олгансан.
— Ўрнашиб олгансан деганинг нимаси? — Палмер ўзини яна ўриндиқда ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди.
— Хотининг ҳеч нимадан шубҳаланмас экан-да, тағин яхши ўрнашибсан деганинг нимаси деб сўраганингга ўлайми?
— У менинг ишимдаги алоҳида шароитларга кўниккан, шу холос, — тушунтирди Палмер. — Менда иш юзасидан кўплаб учрашувлар бўлиб туради.
— Вуди Палмер кичик, — хиргойи қилиб деди Бернс. — Наҳотки, сиз ростдан ҳам ҳозир атайлаб қилаётганингиздек содда-баёв бўлсангиз?
Палмер бирмунча муддат жим ўтириб қолди.
— Агар мен сизни тўғри тушунган бўлсам, — аста гапирди у, — аммо сиз жуда аниқ қилиб айтдингиз, сиз мени мана шундай қулай шароитлардан фойдаланиб қолишим керак деб ҳисоблайсиз.
— Айнан шундай, — тасдиқлади Бернс. — Кейин ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ қолаверади. Шаҳримизда биронта ҳам шундай уйланган одам топилмайдики, у мана шундай боқибеғам хотинни орзу қилмаган бўлсин. Айт-чи, қароғим, бундай имкониятдан фойдаланмай қолганинг қандай юз берди? Бирон марта ҳам зино қилмаганмисан?
Ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлаб, Палмер хиёл кулиб қўйди. “Хайрли тун” деб жуфтакни ростлаш учун қулай пайт. Айниқса, ҳозир.
— Айтишим мумкин, — у ўзининг овозини эшитди, — бунақа фикр миямга келмаган ҳам.
— Ўлсам ҳам ишонмайман.
— Нимадан бошлашни ҳам билмасдим.
— Бошимни қотирма кўп.
— Бўпти, бас қилайлик, — деди Палмер ўрнидан тураркан.
— Менга қара, бу барча майда гаплар камбағалларнинг фойдасига, — деди Бернс. — Вуди, қаршингда амакижонинг Мак турибди, унинг билмаган балоси йўқ. Кўзларингдан ҳамма нарсани кўриб турибман, мени алдаёлмайсан. Қизларнинг бошидан-оёғигача қандай суқланиб боқишингни кўрганман. Билмайман, нега бўйнингга олмайсан, гаров ўйнайман, нимадан бошлашни аъло даражада биласан.
Палмер яна ўтирди, дуч келган, ярми ичилган қадаҳни олди ва шошмай ҳўплай бошлади. У ўзига тасалли берарди: биринчидан, Бернснинг шамаси таваккал қилиб отилган ва нишонга тасодифан келиб теккан ўқ. Бернсда бундай мерганликдан аслида ном-нишон йўқ. Мерганликнинг унга кераги ҳам йўқ. Бироқ шу топда у ўзида яширадиган нарсанинг ўзи мавжуд эмаслигини англаб қолди. Сукут — мана унинг ягона қуроли. Тўғри, у ҳар доим ҳам ўқдан фойдалана билмасди. Сукут қуролларнинг хўрози эди.
— Тағин нима дей? — бироз таҳаммулдан сўнг сўради Бернс. — Бошқа гапга ҳожат ҳам йўқ. — У хўрсинди, сўнг томоқ қириб, Палмерга чўзилди-да, унинг тиззасидан шапатилаб қўйди. — Мен биламан, Вуди, ҳаммасини биламан, — деди у. — Аммо, бўталоғим, булар сени мутлақо хафа қилмаслиги керак. Бунда ёмон нарсанинг ўзи йўқ. Бу сизнинг тирик одам эканингиз аломати, холос, тамом-вассалом. Энг яхши аломат.
Палмер хиёл жунжикди. У лабларининг унсиз қимирлаётганини ҳис этди. Оғзини бир қултум виски билан ҳўллади.
— Ишларим жойида, — деди секин ва жуда паст овозда. — Шундан ўзимни қўлга олганман. — Бу сўзлар унинг бошида яна узоқ, у жим бўлиб қолгандан кейин жаранглаб турди. У ҳуши яримлашиб қола бошлаганини англади — бўкиб ичганликнинг одатдаги оқибати. У ўзини яна ташқаридан ўриндиқда ўтирганини кўра олаяпти, ўзининг гапини ўзи эшита олаяпти — худди шунга иқрор бўлганидан ўзи ноқулай аҳволга тушиб қолди. Бироқ айни вақтда ҳаммасига баравар “туф” деб воз кечиб қўя қолиши керак эди.
— Жуда қизиқ, — ғудранди у.
— Биласанми, сақловчи клапанни ёпганда нима бўлади? Қозон портлайди, мана, нима бўлади. Мен, албатта, тан бераманки, ўзини қўлга олиш буюк нарса, бироқ ҳаддан ташқари кўпи ҳам зарарли. Хўш? — деди Бернс.
— Менга ҳеч нарса қилгани йўқ, — қулоғига чалинди Палмернинг — у яна аввалги сўзларини такрорлаганди. — Ўзимни назорат қилиб тургунимга қадар ҳаммаси жойида бўлади. Тамом!
Бернс бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади:
— Сиз, банкирлар, сизлар Ўрта Ғарбнинг аҳолисисизлар. Сабаби нимадалигини билмадим-у, аммо сизларнинг барчангизда секс масаласи чатоқ. Уни сизлар ишлашга мажбур қилиш ўрнига у сизларни истаган мақомига солиб ўйнатади.
Палмер қўлини кўтаришга ҳаракат қилди, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаслигини сезди. Айни вақтда аллақайси узоқ бурчакдан туриб ўзини кузатар экан, у бу ҳаракатнинг барча ночорлигини кўрди ва тўсатдан ўзи тасаввур қилганидан кучлироқ маст бўлиб қолганини англади.
— Назорат, — деди у, — ҳамма бало мана шунда.
— Ҳаракатлар эркинлиги, — мана ҳамма бало нимада, — эътироз билдирди Бернс. — Одамзод ўзини бирон-бир назорат остида тутиб туриш учун яратилмаган, — қўшиб қўйди у ва ўриндиқда асабий чиғанди. — Сенинг эр-хотинлик ҳаётинг — сенинг шахсий ишинг, Вуди. Эдис — кетворган аёл. Мен айтган гаплар эса бевосита сенга ёки унга дахл қилмайди. Гап бу ҳақда эмас. Мен умумий мулоҳазаларимни баён қилаяпман, холос.
Палмер яна қўлини кўтаришга ҳаракат қилиб кўрди, бу сафар у елкасини ўриндиқ суянчиғидан узишга муваффақ бўлди.
— Етар, — минғирлади у.
— Айтдим-ку сенга, бу шахсан сенга дахл қилмайди деб, — аёвсиз эслатди унга Бернс. — Эркаклар аёллардан фарқ қилади. Аёлларда болалар бўлади ва улар болалар учун ошён қурадилар. Уларнинг ҳаммаси шунақа. Фаолиятсизлик — мана аёллардаги алоҳида хусусият нима. Мен, албатта, ўзбошимча хотинлар ёки фоҳишаларни назарда тутмаяпман. Одатдаги покдоман аёлларни назарда тутаяпман. Бундай аёл секс билан фақат бир марта рўбарў бўлади, ўз уйида. Аммо эркаклар бошқача яратилган. Улар бир умр саргузашт шайдолари. Уларнинг табиати ўзи шунақа, Вуди. Бир қарагин-а, эркаклар қандай тузилгану аёллар қандай тузилган, шунда сенга ҳаммаси кундай равшан бўлади: аёл фаолсизлигича қолаверади, эркакка эса лаллайиб турмасдан ҳаракат қилишни худонинг ўзи буюрган. Одамлар бирон-бир нарсани ўзгартиришга кучи етмайди. Улар шунақа яратилган — мана, гап қаёқда. Бин... бин... бинобарин... — Бернс қошини чимирди ва жим бўлиб қолди. — Бин... бин... — У қўлини қулочкашлаб олиб келиб, ингичка лабларига суртди. — Бинобарин, — ниҳоят гапини тўғрилади у, — ҳеч қанақа аҳамият касб этмайди: уйда ҳамма нарса ҳар қанча гўзал бўлмасин, эркак доим бир нима қидиради. Унда ҳаммаси жойида бўлмаса-чи, у унда “нима учун?” деб сўрамайди. У ўзи бу саволга жавобни уйдан ташқарида қидира бошлайди. Айримларда уйда ҳам ҳаммаси яхши ва оиладан ташқарида ҳам. Бундай ҳолларда ҳеч ким гуноҳкор эмас — на улар, на уларнинг хотинлари. Шунчаки эркаклар буни уддалай олмайдилар. Бизларнинг табиатимиз ўзи шунақа. Бор гап шу.
Палмер анча вақтгача қимир этмай ўтирди. У ўзини эркин ҳис этмоқда эди, Бернснинг кўз ўнгида ухлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Аммо шу билан бир вақтда ўзини четдан кузатар экан, вужудини мана бундай ачинарли ва беўхшов бир қиёфада кўрди. Бор кучини тўплаб, у ўриндиқда қаддини ростлади-да, деди:
— Ҳаммаси бир чақага қиммат.
Бернс қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Мен айтган ҳақиқатни, азизим, қанчалик тез англасанг, яшаш шунчалик сенинг ўзингга осон бўлади. — Шундай деб у яна телефонга чўзилди. — Шафтолига қўнғироқ қилиб кўрайлик-а?
Палмер кўзларини юмди.
— Ҳеч қанақа Шафтоли, ҳеч қанақа Бўғирсоқ керак эмас. — У кўзларини очди ва аста ўзини ўриндиқдан силтаб чиқарди, оёққа турганида эса мушаклари қотиб қолганини сезди.
— Наҳотки бунинг зарари тегса? — қисталанг қиларди Бернс. — Туппа-тузук хонимча, кундузи аэродромда кассир бўлиб ишлайди. Ихтиёри ўзида бўлмаган аёл тузук аёл бўлади-да, ё гапим нотўғрими?
— Ҳозир бу ерда такси тутса бўладими? — қизиқсинди Палмер эшик томон одимлаб.
— Қаёққа шошасан, Вуди? Одамларга қўшилсанг-чи. Сал ёзилсанг-чи. Озроқ жиннилик қилсанг қилибсан-да, қизиқ, нимадан қўрқасан?
Палмер Бернснинг туриб, қоқила-суқила унинг изидан келаётганини эшитди.
— ...
— Нима?
— ... , — деди Палмер эшикни очаркан.
— Роса етилибсан, Вуди, — огоҳлантирди уни Бернс. — Кел, мен ўзимнинг машинамни чақиртирай. — У йўлак бўйлаб Палмернинг ортидан эргашди.
— Бомбсвил, АҚШ, — деди Палмер, бармоғи билан чақирув тугмачасини икки марта босиб, шундан кейин лифт ҳаракатга келди.
— Кўриб турибман, ўзингни ўзинг эплаёлмайсан. — Бернснинг овози ташвишли эди ва айни вақтда асабийлашаётганди ҳам. — Сен билан тушиб, такси тутиб бераман.
— Ҳеч қанақа такси керакмас, Мак Мэкки Нож1  — жавоб берди Палмер. Лифт эшиклари икки томонга сурилди.
— Сен билан бирга тушаман. — Бернс Палмер билан лифт хонасига кирди ва пастки тугмачани босди.
— “Мэккининг қўлқопи капрондан, — паст овозда хиргойи қилди Палмер, — ундан ҳам қон тезгина кетади...”
— Менга қара, — маъюс деди Бернс, улар тушиб боришаркан, — лифтдан чиққанимизда ўзингни тўғри тут. Швейцарларга чойчақа беришдан оғринмайман, аммо улар ер тагида илон қимирласа билади.
— “Аммо Макки билади кўп нарсаларни, — шивирлади Палмер. — Бизнинг бола қалъанинг тагига келди”...
— Меникига келгунларингча қанча отган эдиларинг? — сўради Бернс.
— К-кўп, — жавоб берди Палмер. — Ист нихтс гут2 , Мэкки Нож?
— Сен шпрех э биссел дойтч?3  — ҳайрон бўлди Бернс.
— Хизмат баҳонасида ўрганган эдим. — Тўхташ олдидан лифт хонаси қаттиқ тормоз берди ва Палмер чайқалиб кетди. — Мен немис ракетачи олимларни овлайдиганлардан эдим. Ана шунақа. Бу  олте Крис4 , цвай5  жаҳон уруши эди. — У чуқур хўрсинди ва лифт хонасидан чиқди.
— Ҳаммаси жойидами?
— Қўлингни ол!
— Мен сенга ёрдам бермоқчи эдим, холос.
— Хонимчаларингиз билан қўшмозор бўлинг.
— Ўзингни бос, ўртоқжон, — шивирлади Бернс. Унинг сарғиш кўзлари йўлбарсга ўхшаб ғазаб билан қисилди.
Улар катта эшик томон йўл олишди. Навбатдаги швейцар ўрнидан турди ва эҳтиром билан таъзим қилди. Палмер қаддини ростлади, жавобан совуққина бош ирғаб қўйди ва унинг ёнидан юриб ўтиб, тўғри кўчага, тунги муздек ҳавога чиқди. Йўлакдан бироз узоқлашгач, у овозини баралла қўйиб, бўм-бўш кўчага мурожаат қилди: “Устозлар ва метрдотеллар ҳаммаси саросимага тушиб қолишди, ҳамма менга хушомад қиларди ва то менинг кўзим очилмагунча ҳаёт зерикарли эди!”
— Бу ёққа, — деди Бернс Саттон Плей томон кетадиган йўлни кўрсатиб. — Кўраяпсанми, ҳов ана, “Элдерадо” олдидаги дарахт тагини.
— Қўлингизни олинг!
— О, қанчалик мағрурмиз-а!
— Керак эмас менга машинангиз, — оёқ тираб олди Палмер, — керак эмас менга аёлларингиз. Бекорга овора бўласиз. Тушундингизми?
— Аёлларни қўявер, аммо машинага йўқ демайсан.
— “... Енгил ширин ҳаёт ботқоқдай мени тортиб кетди...” — Палмер қўлини Бернсдан силтаб тортиб олди ва пастак узун қора “кадиллак” ёнидан ўтиб, кўча ёқалаб чопиб кетди. Кейин у муюлишга бурилди-да, ғарб томонга йўл олди ва охири Биринчи авенюга етди. У ерда нафаси ичига тушиб, тўхтади, орқаси билан ғадир-будур ғиштин деворга ёпишди. — Бундан кейин одамга ўхшаб яшай бошлайман, — базўр гапирди у оғзи билан ҳавони ютоқиб ичига тортаркан. У пешонасидан тер чиққанини сезди. Бўшашиб, рўмолчани қидириб чўнтагини кавлаганча пастга сирғалиб тушди. Тўсатдан аёл кишининг қадам товушлари қулоғига чалинди. Юзини артиб, муюлишда пайдо бўлган бир аёл ва бир эркакнинг кўрди. Улар Палмернинг шундоқ ёнидан ўтиб кетишди ва унга ҳатто қиё боқиб қўйишмади ҳам. Яна битта шаробхўр-да, тағин башанг костюм кийиб олгани-чи.
Улар қоронғилик қўйнига ғойиб бўлгунча у узоқлашиб бораётган аёл қораси ортидан қараб қолди. Кўзларини ярим юмди, яна очди ва Биринчи авенюдан аста ўтиб кетаётган таксини кўрди. Қоқила-суқила у қўлини силкиб, кўча ёқалаб такси ортидан чопди, шу чопганича кучининг борича чопиб кетаверди, кетаверди, кетаверди.


Йигирма учинчи боб

Кун омадсиз бошланди. Ҳар доимгидек Эдис болаларни мактабга кузатиб қўйиш учун соат олтида турди. Палмер эса уйғониб, қимирлашга ҳам улгурмай, боши зирқираб оғриётганини ҳис этди. Оғриқдан афти буришиб, у каравот ёнидаги тумбочка устида турган соатга чўзилди. Аллақачон саккиз бўлибди. Каравотда ўтираркан, у дарҳол ўзига келди ва болалари билан кўришолмаслигини англади, банкка кеч қолади, ҳаммадан ҳам мана бу чидаб бўлмас бош оғриғини айтмайсизми!
Нонушта ҳам ҳеч қандай енгиллик бермади. Икки дона аспирин ҳозирча таъсирини билдиргани йўқ, у ва Эдис ўртасида юзага келган кескин вазият — у буни ҳис қилиб турарди — дард устига чипқон эди, холос. Ҳарҳолда унга шундай кўринди. У кўз тагидан хотинини кузатар, у ҳам шу нарсани ҳис қилаётибдими, йўқми шуни билишга ҳаракат қиларди, ёки унинг ўз кайфияти шунақа кескин вазият яратаётибдими?
— “Таймс”даги дастурхоннинг унча файзи бўлмаган, шекилли, — деди Эдис. — Балки у ёққа бормаганингда дуруст бўлармиди?
— Биронтаси ҳам боришга арзимайди, — минғирлаб деди Палмер.
— Унда нега...
— Мақсадларим бор эди, — хотинининг гапини бўлиб деди у. — Репортаж учун мавзу қидириб, уни тополмаган “Таймс” репортёрлари мақсадидан сал бўлакча. Мени кўриб қўйишлари учун борган эдим у ерга ва ниятимга етдим.
— Ўз бурчимни бажардим, — қуруққина қилиб жавоб қайтарган бўлди Эдис.
— Мутлақо тўғри.
Хотини индамай газетага кўз югуртира бошлади, бироқ Палмер ораларида гўё қандайдир изҳор этилмаган фикрлар ҳавода муаллиқ осилиб тургандек ҳис этмоқда эди. Кўриниб турганидек, хотинининг зиёфат ҳақидаги суҳбатни давом эттиришга мойиллиги йўқ эмасди, аммо нимадир уни тутиб турарди. Наҳотки, ҳамма гап фақат шундангина иборат бўлса? У қаҳвани охиригача ичиб қўйди.
— Ўз-ўзидан маълум, мен бутун оқшом у ерда ўтирганим йўқ, — гап қотди Палмер, атайлаб чала қолган суҳбатга қайтаркан.
— Мен ҳам шундай ўйлагандим.
— Керакли одамларни кўриб олиш учун мени Бернс таклиф қилганди.
Эдис бош ирғаб қўйди ва мутолаада давом этди. Қаҳвани ичиб бўлиб, Палмер қаҳва чойнагига қўл чўзган эди, бироқ Эдис газетадан кўзини олмай ундан илгарироқ етиб борди ва чойнак жўмрагининг қулоқли пиёлага урилгани эшитилди.
— Секинроқ, — оҳиста огоҳлантирди эр.
Эдиснинг нигоҳи юқорига кўтарилди, бироқ қулоқли пиёлага эмас, тўғри Палмернинг юзига қадалди.
— Тўкиб қўйдимми?
— Мен ундай... — Палмер хўрсинди-да, гапини тугатмади.
Эдис пиёлани лиммо-лим қилиб тўлдириб қуйди.
— Бугун сал асабий кўринаяпсан, жоним?
— Кеча Бернсникида бўкиб ичибман.
Эдис яна газетага шўнғиди.
— Меҳмонлар кўпмиди?
— Йўқ. Охирида Бернс билан Калхэйн ва мен қолдик.
— Ширин улфатлар.
Палмер хотинининг қочирим маъносини чақишга ҳаракат қилмай қўя қолди.
— Кейин Калхэйн ҳам кетди.
— Бернс сени олиб қолишга уриндими?
— Ҳа, сен буни қаёқдан биласан?
Эдис билинар-билинмас елка учирди:
— Башараси узоқ ёлғиз қолишдан қўрқадиган одамга ўхшайди, айниқса тунда. — Хотин тумшайди. Кейин газетани текис қилиб тахлади-да, ўзидан нари сурди. — Яна башараси шуни айтиб турадики, вақтини аёл билан хилватда ўтказишни яхши кўради, сен билан эмас.
Палмер бош ирғади ва жилмайишга уринди.
— Хулоса ясашга тайёрлигинг шундоқ кўриниб турибди.
Эдис қулоқли пиёлани ўзи томон сурди ва бирмунча муддат хаёлга чўмганча қаҳва қуйқасига қараб қолди. Палмер унинг хира нигоҳи қоп-қора суюқликни қандай ўрганаётганини кузатиб турди. Уэллс коллежининг башоратчиси.
— Одамда жиндай андиша ҳам бўлиши керак, — сўзлади Эдис, — аммо у аёлларга ўлгудай ишқибоз, тўғрими?
— Ҳа. Бу ерда кимдан, нимадан андиша қилиш керак, қизиқ?
— Бошқа одамдан деб айтмоқчи эдим.
— Тушунмадим.
— Масалан, сенга ўхшаган одамдан, — аниқлик киритди хотини.
— Э-ҳа?!
— У сендан ўз мақсадлари учун фойдаланишга уринмаётганмикин? — деди Эдис. Хотинининг сўзларида бироз савол маъноси ҳам йўқ эмас эди, шу билан бирга улар қарийб ҳукмдай жарангларди. — Бу унинг қўлидан келади. Менда шундай таассурот туғдирганди у. Жейннинг иккинчи эри нимаси биландир унга ўхшаб кетади. У ҳам доим кўнгилхушлик қилиш мақсадида шунақа кичик-кичик ўтиришлар қилиб турарди. — Эдис кўзларини кўтариб, эрига қаради ва аста кулиб қўйди. — Мистер Бернсга ўхшаб у ҳам шарқдан. Шарқ одамлари шунақага мойилликлари билан ажралиб турадилар.
— Лекин Бернс Ғарбий соҳилдан келган-ку, — деди Палмер. — Унда бундай мойиллик қаёқдан пайдо бўлдийкин?
— Бернс қачондан бери Ғарбий соҳилга тушиб қолибди? Жинсий алоқага ҳаддан ортиқ ружу қўйиш — уларни Ўрта Ғарб аҳолисидан ажратиб турадиган нарса шу.
— Бу менга кеча кечқурун Бернс айтган нарсани эслатиб юборди. — Бу эътироф Эдисга қандай таъсир қилишини кўриш истагида Палмер қаҳвадан усти-устига бир неча бор ҳўплади.
— Бечора сени тушунмайди, холос, азизим, — деди Эдис.
— Мак Бернс тушунмайдиган ҳодисалар ҳақида сен бутун бир китоб ёзсанг бўлади.
— Сен ҳақингда, масалан.
— Умуман бундай ҳодисалардан кўпи йўқ, — деди Палмер, гапининг оҳанги равон чиқиши учун бир қадар салмоқ билан.
Кейинроқ машинада ўтириб, банкка йўл олганида Палмер хотини билан ўзи ўртасидаги суҳбатни хаёлан тиклади ва муносабатларидаги бу пинҳоний кескинликнинг нимадан келиб чиққанини англашга уринди. Аввалига у барибир ўзини қўлга олишга ҳаракат қилган бир менинг ўзимман деган тўхтамга келди. Хотини эса ўзини бутунлай бемалол ҳис қилаяпти. Бироқ у хаёлидан бутун суҳбатни тиклаганида юрагида шундай бир ташвишли ҳиссиёт пайдо бўлдики, унинг ҳар бир сўзи замирида бошқа, тилга олинмаган маъно яширинган бўларди. Хонасида ўтириб, “келиб тушган ҳужжатлар”даги бир чақага қиммат қоғозларни асабий ўчирар экан, Палмер шу мулоҳазалардан бирваракай қутулишга ҳаракат қилди. Бу унинг бошини икки баравар оғритишдан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади. Соат 10 да Виржиния Клэри келганида у аввалига жувоннинг келганидан хурсанд бўлди, бироқ кўп ўтмай у ҳам жаҳлини чиқара бошлади.
— ... меҳрибон Бернс билан оқшомларинг беҳуда ўтмагандир, — деди жувон дабдурустдан
— Зерикарли, файзсиз ва ҳеч қандай ҳудасиз, — бидирлаб жавоб қайтарди Палмер. — Бу оқшомга боришдан бош тортиб, ақлли иш қилган экансиз.
— Аёлларга ҳар доим Бернс билан яхши муносабатда бўлиш тавсия этилади.
Қовоғини уйиб, Палмер жувон келтирган қоғозлардан кўзини олди.
— Бу билан нима демоқчисиз? — кескин оҳангда сўради йигит.
— Ҳеч нима.
Қовоғи уйилган ҳолда Палмер жувонга, унинг силлиқ ёноғига ва хотиржам катта-катта кўзларига диққат билан разм солди. Жувоннинг аъло кайфиятию гул-гул яшнаб туриши нима учун унинг ғашини келтираётганини ўзи ҳам тушунмаётганди.
— Балки унинг мавқеи ҳақида сиз барибир аниқроқ бир гап айтарсиз? — қайсарлик билан сўради Палмер.
— Аёлларга алоқадорлиги ҳақидами? — жавоб берди саволга савол билан Виржиния.
— Ҳа, — ҳорғин деди Палмер, — ҳеч бўлмаганда аёлларга алоқадорлиги ҳақида.
— Бохабар одамларнинг айтишича, у ўн-ўн беш нафар кино қаҳрамонлари билан довлаша олар экан.
— Жин урсин! — тоқати тоқ бўлди Палмернинг. — Энди бу билан қатиқ ялашмаган бир Бэркхардт қолувди... — Чолни унинг хизматкори борлигида ёмонлаши яхши эмаслигини жуда кеч англаб, у тўхтади. — Бўпти, ҳечқиси йўқ, — сўзини тугатди у ҳорғин. — Бу гапларни қўяйлик.
Бирмунча муддат жувон унга жим қараб қолди, сўнг бошини қуйи солди. Чидаб бўлмас бош оғриғига қарамай Палмер жувон энди унинг қаршисида тик қотиб илгаригидек ҳуркиб турмаганини пайқади. Виржиния ўзини эркин ҳис этарди, бу эса яхши эди. Ким билсин, балки яхши эмасдир ҳам? Бундай эркин қўйиб қўйиши дурустмикан? Палмер миясидаги фикрлардан халос бўлишга ҳаракат қилгандай бошини айлантириб қўйди, бироқ қайтанга боши яна ҳам қаттиқроқ оғриди.
— Мен жуда ачинаман, — қулоғига чалинди унинг.
— Нимага ачинасиз? — Ўзининг овози бамисоли унинг қулоғини тешгудек кескин эшитилди.
— Ўзингизни шундай ёмон ҳис қилаётганингизга ачинаяпман.
— Э-ҳа... — Шундан сўнг у яна нигоҳини ҳалиги қоғозларга қадади. У суҳбатни давом эттирадиган аҳволда эмас эди. Виржиниянинг турганини кўришдан кўра кўпроқ эшитди.
— Сизга бир илтимосим бор эди, — деди жувон. — Кеча мен сизга мени ўзингизга дўст деб билинг деган эдим. Агар сиз буни хоҳламаётган бўлсангиз, илтимос, тўғрисини айтиб қўя қолинг.
Палмер унга қаради.
— Йўқ, мен дўстлар бўлиб қолишимизни хоҳлаган бўлар эдим, — жавоб берди у овозини бошқа кескин ёки асабий чиқармасликка ҳаракат қилиб. — Мен, афтидан, кеча бу ҳақида айтувдим, шекилли?
Жувон бош ирғади:
— Лекин одамлар гоҳо фикрларини ўзгартирадилар.
— Одамлар, — такрорлади йигит, жилмайишга беҳуда уриниб. Ёноқлари қақшаётганини ҳис қилиб у эрталабдан бери биринчи марта жағларини бемалол қимирлатаётганини англади. — Одамлар, аммо мен эмас, — қўшиб қўйди у охири жилмайишга муваффақ бўлганидан кейин.
— Наҳотки умрингизда бир марта ҳам шундай бўлмаган бўлса?
— Йўқ, ҳеч қачон.
 Жувон яна ўтирди ва Палмерга диққат билан қаради. Кейин жилмайди.
— “Пинафор” капитани шубҳаларидан бехабар одам шарафига уч карра ура! — табассум билан иқтибос қилди Виржиния.
— Бекор гап, мен бор-йўғи капитан ёрдамчисиман. — Охир-оқибатда жувон билан Бэркхардт ҳақида барибир гаплашишга тўғри келишини тушуниб, у хўрсинди.
— Капитан эса, — деди Палмер, — ишга Бернсдек шундай бир балои азимни олди-да, бу болани оқ ювиб-оқ тара деб менга ташлаб қўйди. — У афсуслангандек бошини чайқади. — Бу даҳмазани сақлашга уни нима мажбур қилаётувди ўзи?
— Етар, — деди жувон. — Тан олинг, Бернс зимдан сизга ёқади ҳатто.
— Нега энди у менга ёқиши керак экан?
— Ҳеч бўлмаганда у ҳам ўзича бир қизиқ одам бўлгани учун. Яна шунинг учунки, у фойдали бўлиши ҳам мумкин. Ниҳоят, у сизга шахсан шунчаки керакли одам. Мана сизга учта сабаб, — деди жувон. — Яна айтайми?
— Нега сиз уни қизиқ одам деяпсиз? — сўради Палмер.
— Лекин бу ўзи аслида шундай, — сўзини бермади жувон. — Ҳатто унинг довдирлиги, унинг қуруқ савлати, унинг аҳмоқона қилиқлари, унинг ажойиб сурбетлиги, аммо одамлардаги энг тубан рақобатлардан ташқари бирон-бир нарсани тушуниб етишга мутлақо қобилиятсизлиги. Унинг афт-ангори-чи, сочлари-чи! Ниҳоят, унинг одамларни лақиллатишга усталигини олинг!
Палмер уни тинмай кузатиб турди ва жувоннинг илгаригидай ўзини унинг нигоҳидан олиб қочмаётгани унга ёқмоқда эди.
— Сиз Бернсни ёмон ўрганмаганга ўхшайсиз, — деди Палмер.
— Аёллар учун у айтарли жумбоқ эмас.
— Ҳа, сезган эдим. — Палмер ўзини орқага ташлади ва бир лаҳза кўзини юмди. — Бу ерда аспириндан кўра аччиқроқ бирон нима борми?
— Аччиқроқ дейсизми?
— Бирон кучли таъсир кўрсатувчи дорими?
— Асабни тинчлантирувчи бирон нарса ичиб олмадингизми?
Палмер кўзини хиёл очди:
— Бош оғриғини босадиганиданми?
Жувон енгил жилмайиб қаради:
— Тиббиётдан ҳеч нарса билмаслигимни бу қадар назокат билан англатиб қўяётганингиздан ҳайратга тушмоқдаман.
— Мен бошим оғриётганидан нолиётган эдим, — тушунтирди Палмер. — Тинчлантирувчи дорилар эса асабий зўриқишни йўқотади. Мени бироз хумор қийнаяпти, холос.
— Қаранг-чи, столимда кодеин бормикан?
— Миннатдорман сиздан. — Палмер ўриндиқда бурилди, зўриқиш аста-секин қайта бошлади. Наҳотки жувоннинг уч-тўрт оғиз гапи шу қадар тез таъсир қилган бўлса? Балки уларнинг ҳар иккови ҳам бир-бири билан мана шундай эркин гаплашишлари ҳам ёрдам бергандир?
— Энди яхшиман, — деди йигит. — Нима қилдингиз ўзи мени?
— Менинг жодугарлигимни билмайсизми, ҳали? — деди жувон. — Гарчи сиз ўрганган жодугарлар лўли хотинлар бўлса ҳам. Лекин биринчи даражали жодугарликни фақат кельтларда учратиш мумкин. Бу ишда уларнинг олдига тушадигани йўқ.
Интерполнинг енгил қўнғироғи янгради.
— Кечирасиз, — Палмер тугмачани босди.
— Лумис деган одам сиз билан гаплашмоқчи, мистер Палмер.
— Мени у билан уланг. — Палмер қаддини ростлади ва ҳайрон бўлиб қошини чимирди. — Лумис деган одам! — у Виржиния Клэрига юзланди. — Гўё яна бошқа ҳам Лумис деган одам бордай! — У телефон гўшагини олди.
— Палмерми? — кекса, аммо жуда дадил овоз таралди.
— Мистер Лумис, — жавоб берди Палмер, — ўтган ҳафта сиз билан боғлана олмаганимдан жуда афсусдаман. Қўнғироқ қилганингиздан ғоят миннатдорман.
— ... улар яна бир банд қулаб тушмагунларига қадар, — Палмернинг қулоғига симнинг нариги учида чолнинг кимгадир гапиргани чалинди. — Ҳелло, Палмер! Бугун ленчда банд эмасмисиз?
— Бугунми?
— Сизга машинамни юборишдан мамнун бўлардим. Клубда ленч устида кўриша оламизми?
Фикрини тўплаш учун Палмер кўзини юмди. Лумиснинг шаҳар ишби¬лармонлар бўлимидан туриб қўнғироқ қилаётганига шубҳаланмади.
— Келолсам керак деб ўйлайман, — деди у. — Қачон?
— Мен эрта овқатланишга ўрганганман, — хабар қилди Лумис. — Олдингизга йигирма дақиқаси кам ўн иккида етиб боришади, агар бу сизга тўғри келса. Сиз бу ерда тахминан тушгача бўласиз ва сизни бир яримда олиб бориб қўйишади.
— Жуда яхши. — Палмер кутиб турди. — Бирон нарса... — деб гап бошлади-ю, сўз қидириб, яна жимиб қолди. — Ўзим билан бирон нарса олиб олайми?.. — Гапини тугатмасиданоқ Палмер саволи аҳмоқона чиққанини англади.
— Йўқ, шунчаки гаплашамиз. Ўн биру қирқда.
— Яхши. Мен... — Бироқ Лумис гўшакни илиб қўйди.
Қари рўдапо. Палмер ҳам гўшакни қўйди ва шу заҳоти қаншарида оғриқ ҳис қилди, миясини бир нарса найзадай тешиб ўтгандек бўлди. У Виржинияга қаради.
— Кодеин, — деди у, — илтимос.
Жувон чиқиб кетиши ҳамон ўриндиқда ўтирганча Палмер энсасини уқалай бошлади. Қизиқ, агар буни унинг учун бошқа биров бажарганида у ўзини қандай ҳис қилган бўларди? Бировга боғлиқ бўлиб қолишдан ёмон нарса йўқ. Дарвоқе, бу шунчалик ёмонми?
Энсасини титраб-қақшаб чангаллаганча у яна кўзларини юмди ва Виржиния Клэрининг қайтишини кутган, оғриққа бардош берган ҳолда қимир этмай ўтиришга ҳаракат қилди.


Йигирма тўртинчи боб

Унча катта бўлмаган “олдсмобил”дан тушар экан, Палмер ишбилармонлар туманидаги ленч-клублардан айримларигина мана бунга ўхшаган фахрли ёшдалиги билан мақтана олишлари мумкин, деб ўйлади. Бу туманга одамлар дарёдай оқиб кела бошлаши муносабати билан урушдан кейиноқ бу ерда кўплаб шунақа клублар пайдо бўлганди. Вақтинчалик инқироздан сўнг биржадаги урушдан кейинги савдо-сотиқлар ўн минглаб янги асалариларни эски асалари мумига жалб қила бошлади. Эски фирмалар ғовлаб кетди, янгилари эса ахлатхонадаги қуртлардай урчий бошлади. Барча ресторан ва қаҳвахоналар, шу жумладан, яқинда очилганлари ҳам тўда-тўда бостириб келаётган мижозларни эплаёлмай қолдилар, кундузлари ҳамма жой лиқ тўлган бўларди ва фирмалар ўз ходимларини ленчга навбатма-навбат чиқаришларига тўғри келари.
Аммо бу эски клуб ундан анча олдин, биржа уй бекалари ва гаражларнинг механиклари иш-аъмоллари майдони бўлиб қолган вақтда ташкил этилган эди. Анча олдин, Америка маблағига асос солувчилар доирасига “пулдан бошқа йўқотадиган ҳеч нимаси йўқ одамлар” бостириб киргунга қадар рўй берганди бу ҳол. Ватанпарварлик туйғуси очкўзлик туйғуси билан ажойиб тарзда чиқишиб кетган биржа шарҳловчилари юқоридагидек таъриф берганлар.
Фирманинг кичик шериклари, биржа ишбилармонлари ва маслаҳатчилар рўпараларида ҳозиру нозир клерклар ва гумашталарни кўрмай, тинчгина овқатланиб олишлари мумкин бўлган янги ленч-клублардан фарқли ўлароқ, бу клуб мижозлар ихтиёрига яна барни ҳам, биллиардхонани ва қартабозлик хонасини ҳам тақдим этганди. Гоулд ва Морган каби Филкенинг ўзи ҳам бир вақтлар шу клубнинг аъзоси бўлган эди. Аммо Барух каби ҳам, Отто каби ҳам эмасди. Мана шунақа бўлган эди бу клуб. Ўз вақтида у клуб рўйхатига дунёга эндигина келган тўнғич ўғли Хэнлини ҳам бир қадар тараддуд билан киритиб қўйганди. Аммо рўйхатга иккинчи ўғли Вудсни киритишга ҳеч шошмаётганди.
Палмер ичида клуб жойлашган эски бино вестибюлига кириб келди ва лифтнинг каштасимон темир панжараси олдига келиб тўхтади. Бундай эски уй аллақачон бузиб ташланиши керак эди. Ўттизинчи йилларда унинг ўрнида тўйбоп тортга ўхшаган дидсиз нақшли, гранитдан тикланган ҳапқат бир иншоот ёки қуруқ темир-бетон қутича юзага келган бўларди. Кейинги беш йил давомида эса бу ерда замонавий шиша аквариум-уй барпо этишлари мумкин эди, деб мушоҳада юритарди Палмер, эринчоқлик билан пастга шўнғиётган лифт шовқинига қулоқ солганча; бутун бино, афтидан, клубга кирарди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Фақат клуб аъзоларининг уриниб-чиранишлари туфайлигина бу уй тараққиётнинг қақшатқич ҳужумларига қарши туриб бера оларди. Ҳозир ҳам  ўз умрини яшаб бўлган даврда ўзига хос бир ёдгорликка айланганди.
Даққиюнусдан қолган қулф билан бирмунча олишувдан кейин камида етмишни уриб қўйган лифтчи чол ниҳоят лифт эшигини очди ва Палмер хоначага кирди.
— Клубга, илтимос.
Палмер лифтчининг оппоқ кўркам соқолига разм солди. Эшик ёпилди ва лифт қандайдир жангир-жунгур ва қулқ-қулқ қилган овозларга жўр бўлиб тепага кўтарила бошлади. Палмер қошини чимирди: наҳотки, бу бино шу қадар эски бўлсаки, ундаги лифт ҳали ҳам сув босқони билан ишласа?
— Қулқуллаётган нима? — сўради у лифтчи чолдан.
Чол аста бурилиб, унга қулоғини тутди:
— Кечирасиз, бир нима дедингизми?
— Йўқ, ҳеч нима.
Улар тантанавор сукут сақлаб аста кўтарилиб борар эдилар, гўё ложада филармония жойлашган-у, улар лифт шовқинини эмас, симфоник куй тинглаётгандай.
Ўн иккинчи қаватда лифтчи лифтни вақтидан олдин тўхтатди, кейин улар керакли ҳолатдан тепага ўтиб кетишди ва чол бир қанча шунақанги мураккаб ва шовқинли уринишлар қилишига тўғри келдики, бутун кабина силкиниб кетиб, Палмернинг ҳатто бироз кайфи ҳам учди.
— Мижозлар ўзларининг келганларини метрдотелга хабар қиладилар, — ғудранди лифтчи чол ниҳоят лифт эшигини очаркан.
Метрдотел жойида йўқ эди ва Палмер баланд .столда турган қўнғироқчани чалди. У бонг овозидай бўғиқ ва чўзиқ садо берди. Вақт ўтиб борарди. Палмер у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳа, ҳозир бунақа қилиб қуришмайди. Шифтларнинг баландлиги камида ўн беш фут келарди. Деворлари мум суртиб ялтиратилган дуб багет қопламаси ва усти яшил шишасимон юқориги қисми кулранг тусда. Девор  ёнига қўйилган ўриндиқлар оқ дубдан ясалган бўлиб, ён суянчиқлари ғоят залворли. Суянчиғи ва ўтирғич қисмларига қора чарм қопланган. Палмер ўриндиқлардан бирини кўтариб кўрди: у манави ерда эллик фунт келарди. Қизиқ, бу буюмлар қачон ясалган бўлса? Ярим аср олдинми ё етмиш йилми? Бундайларга ўхшаганини ясаттириш учун ҳозирги нархларда  одамнинг ақли бовар қилмайди. Дарвоқе, бундай ўриндиқлар синмайди ҳам, шу боис улар ҳеч қачон таъмир ҳам талаб этмайди.
— Сэр?
У ўгирилиб қаради ва оч кўкранг шим ва қора сарғиш пиджакдаги  ёши катта кишини кўрди.
— Вуде Палмер. Мистер Лумис ҳузурига.
— Ҳа, мистер Палмер. Мистер Лумис сизга мунтазирлар. Бу ёққа марҳамат этсинлар.
Палмер хийла энсиз ва ҳаддан ташқари узун йўлакдан унга эргашди: деярли уйнинг ярмини юриб ўтишга тўғри келди, ниҳоят улар ичига тахминан йигирматача думалоқ стол териб қўйилган кенг танобий хона эшиги олдида пайдо бўлишди. Кун ёруғи бу ерга кўчага очилувчи кўтарма деразалардан тушар эди. Бир вақтлар деразалардан дарё манзараси кўриниб турарди, аммо  ҳозир кўчанинг нариги томонида ойна ва алюминдан тикланган кўп қаватли бинолар бўй чўзиб, дарёни деярли бутунлай тўсиб қўйганди. Унинг бостириб келганини бу ерда қанчалик ёқтирмай қарши олишларини тасаввур қилиб, Палмер билинар-билинмас жилмайиб қўйди.
Палмер танобийнинг тўрига, бошқалардан сал нарида турган бир думалоқ стол олдига бориб тўхтади ва столда ўтирган қотмагина кекса одамга одоб билан таъзим қилди.
— Мистер Лумисмисиз?
— Ўтиринг, Палмер. Шошманг, Генри, ҳозир айтамиз.
Палмер соатига қаради: роппа-роса ўн икки, уларнинг танобийда танҳо ўзлари қолгани сабаби бу ёқда экан-да. Палмер зимдан Лумисни кузата бошлади. Худди бинонинг ўзига ўхшаб кўҳналикнинг мана бундай ҳилвираб ва дилдираб қолган мумтоз намунасини яқиндан туриб кўриш ҳар доим ҳам насиб этавермайди.
Жозеф Лумис ҳосил қилган дастлабки таассурот, одатда, яқиндан танишганда ҳам ўзгармас эди. У, эҳтимол, умрининг кейинги ўттиз йилида ҳам шундай кўринарди ва унинг фотопортрети молия оламидаги воқеаларни кузатиб борган барча одамларга яхши таниш эди. Қаншари томон кенгайиб ва ияги томон торайиб борган юзи чўзинчоқ, сийрак сочи оппоқ ва дид билан тараб бир томонга ташлаб қўйилган. Кўзлари Виржиния Клэриникидай деярли катта-катта, аммо ингичка ва енгил ажинлар ўрими билан қуршалган бўлиб, бамисоли жимжимадор гардишга қадалган бир жуфт қимматбаҳо тошга ўхшарди. Янкиларга хос бурун — фақат фотосуратлардагина учли бўлиб кўринади. Дарвоқе бурнининг юқори қисми пичоқ тиғини эслатарди, аммо учи бироз тўмтоқлашиб, энсиз катта оғзи узра хиёл осилиб турарди.
Бир текис терилган сунъий тишларини кўрсатиб, Лумис унга хотиржам кулиб қўйди.
— Сизни кўрганимдан хурсандман, — деди у.
Унча катта бўлмаган жилддаги кўчириб ёзилган ва обдон тўғриланган таомномани кўтариб официант келди. Палмер номаълум хаттотнинг маҳоратига офарин деб қўйди ичида. Чизиқлар гоҳ босиб йўғон, гоҳ қалам учида қилдай ингичка қилиб ёзилган эди. Яхшироқ кўриш учун Палмер таомномани ёруққа тутди: ҳа, у дарҳақиқат, қўлда ва ҳарҳолда ҳаттоки ғоз патида ёзилган эди.
— Биқин гўшти қовурдоғи олинг, — маслаҳат солди Лумис, — жўжа — emince фақат менга ўхшаган қари бобойлар учун пиширилади.
Парижчасига emince сўзининг димоғдан кучли талаффуз этилишига эътибор қилиб, Палмер одоб билан жилмайиб қўйди.
— Янглишмасам, бу ердаги бош ошпаз naturel соусни қулинг ўргилсин қилиб тайёрлайди, — деди у Лумисга ўз навбатида naturel сўзини французча талаффуз қилиб. Кейин официантга мурожаат қиларкан, деди: — Бугунги қовурдоқ ўша соусданми?
— Ҳар доимгидек, — жавоб берди унинг учун Лумис. — Менимча, шу етарли бўлса керак, Генри?
— Хўп бўлади, мистер Лумис, — жавоб берди официант.
— Нима ичасиз, Палмер?
— Ҳеч нарса.
— Демак, тамом, Генри, — такрорлади Лумис, официант анча нарига кетгач  деди: — Ошхонамиз сизга ёққанидан хурсандман. Бу ерда охирги марта қачон бўлгансиз?.. — Унинг қисилиб турган кўзлари серажин гардиш орасидан Палмерга диққат билан қараб турарди. — Уч йил олдинми? Сиз ўшанда отангиз билан келган эдингиз. Унинг ўлиб кетганидан афсусдаман, уни тез-тез эслаб тураман. Айтишларича, саратондан ўлган экан, шундайми? — Лумиснинг тим-қора кўзлари катта очилди. Палмер унинг тик боқишларига чидади.
— Мутлақо тўғри.
— Буни у билармиди?
— Йўқ, у...
— Буни ундан яширишганмиди?
— Имкони борича.
— Барибир у бунга ишонмаган бўлар эди. — Лумис бошини чайқаб қўйди ва ўзининг бармоқлари узун-узун қўлларига қаради. Ингичка томирлари қорайиб турган тери узра кексалик нишонлари — майда жигарранг доғлар тартибсиз сочилган. — Ҳеч ким ишонмайди, — қўшиб қўйди у бирмунча муддатдан кейин.
Гўё ажалнинг ўзи ялтироқ соч ўрамидай улар оралиғидан  сирғалиб ўтиб кетган каби иккаласи ўртасига ғалати бир сокинлик чўкди. Палмер елкасидан чумоли ўрмалагандек ҳис қилди ва у, агар ўлмаса, Лумиснинг ёшида бу ҳақда қандай гапириш лозимлигини ўйлади.
Бироқ ўша заҳоти, кексалар бундай фикрлардан тўйиб кетган, ўзларининг путури кетган баданларига тириклай дафн этилгандай бўлиб, ҳар куни эрталаб кийинаётганларида кечқурун уйга қайтиб келаманми, йўқми деб ўзларидан сўраб қўядилар, деди ўзига-ўзи. У ҳали бақувват ва қомати таранг Бэркхардт қаршисида ўтирган чолдан атиги ўн ёшгина кичик. Унинг мушаклари кучи ва чайирлигини қачон йўқотади? Тешиб юборгудек боқувчи мовий кўзлари қачон нурсизланади-ю, қачон ўткирлигидан маҳрум бўлади?
Бир лаҳза у Лумиснинг кўзларига қаради, бироқ уларда ўзи кутган бўм-бўш, мақсадсиз ифодани топмади. Гўё ўз тақдирини билмоқчи бўлгандек чол қўлларини ҳамон диққат билан  ўрганарди. Сўнг у оҳиста хўрсинди, бу хўрсиниқ, афтидан, Палмернинг эшитиши учун мўлжалланмаганди.
— Бэркхардт сиз билан қандай муомала қилади? — бироз жимликдан кейин сўради Лумис.
— Одатда у мени ўзига ўзи таништиради.
— Ҳаҳ. — Бу бир бўғинли товуш кулги эмасди, бу сўз эди. — Лэйн ҳеч кимни ўзига таништирмайди. Унинг мени сизга қандай тавсия этганини тасаввур қиламан — ренегат деганми? А?
— У бундай сўзни айтмаганди.
— Ўлгудай бўшанг, а? Хоин-а? Сотқин-а?
— У менга, афтидан, кўпчилик биладиган нарса ҳақидагина гапирганди, — сизнинг “Меррей Хилл” омонат банкига нисбатан мойиллигингиз ҳақида.
— Тўғри, гап нимадалигини тушунмагандим, — деди Лумис мийиғида кулиб. — Лэйн корпорациялар тузилмаси ва ҳоказоларнинг маъносини билади, аммо одамларни билишга келганда — ғирт. Улар билан қандай муомала қилишга сира ақли етмайди. Тўғрироғи, бунинг учун бошини қотиришни истамайди.
— Тўғрисини айтсам, буни пайқамаган эканман.
— У сизга жуда синчковдек бўлиб кўринадими, а? — сўради Лумис.
— Ҳа, — жавоб берди Палмер.
— Сизни шунинг учун ҳам ишга таклиф этганми? — Лумис яна жилмайди: — Чакки танламаган, шундай эмасми? — Чол бош ирғаб қўйди: — Бўпти, шундоқ бўла қолсин. Аммо шу билан бир вақтда у Бернсни ҳам ёллади. А?
— Нима бўпти? — Қайириб ташлади Палмер.
— Ҳаҳ. — Лумис таомномани қарсиллатиб шапатилади-да, уни ўзидан нари суриб қўйди. — Сиз ҳам отангизга ўхшаб жуда камгапга ўхшайсиз. Унинг яна бир ўғли бор деб эшитгандимми?
— Хэнли. Мендан икки ёш катта. У урушда ўлган.
Лумис яна қўлларига қаради. Бу гал у кафтларини ўрганди. Қизғиш ва гўштдор кафтлар суякдор, кексалик сепкиллари қоплаган орқа томонидан алоҳида ўзи мавжуддек.
— Сизлар Чикаго Палмерларининг сўнггисимисизлар, а?
— Унчалик эмас, — жавоб берди Палмер. — Менинг болаларим, яна қанақадир қариндош-уруғларим ҳам бор. Дарвоқе, Чикагода биз ҳеч қандай қариндошлик риштамиз бўлмаган яна бир Палмерлар сулоласи бор.
— Ундай ҳолда сиз банкир Палмерлар ичида энг сўнггиси экансиз-да?
— Шундай бўлса керак, ҳойнаҳой.
— Аммо сизнинг иккита ўғлингиз бор-ку?
— Ва қизим ҳам, — қўшимча қилди Палмер.
— Уларни банкир қилмоқчимисиз? — Лумиснинг оппоқ қошлари бир нарсани тушунгандек юқорига ўрлади.
Палмер мийиғида кулди.
— Агар бу менга боғлиқ бўлса, икки дунёда ҳам ундай қилмайман. — У жим бўлиб қолди, сўнг йўталди ва деди: — Хўш, энди “Меррей Хилл” омонат банкига келсак...
— Хўш, хўш, майли, гапиринг.
— Омонат банклари билан боғлиқ барча гаплар ҳақиқатдан хам шунақа жиддий тус олиб кетганми?
— “Шунақа” — кимга? — қуруққина сўради Лумис. — Лэйн Беркхардтгами ёки бошқа биттасигами?
— Сиз мени кечиринг, — деди Палмер, — мен барибир қишлоқилигимга бораман ва бу нарсаларга тузук-қуруқ ақлим етавермайди.
— Палмер, — унинг сўзини бўлди чол, — ҳар гал ким менга ўзини қишлоқи қилиб кўрсатиб, шаҳарча нозик нарсаларга ақлим етмайди деб айтганда, мен оқибатда ҳамёнсиз қоламан. Ана шунақа. Хўп, майли. Очиқчасига гаплашайлик. Сизга қандай топшириқ берилганини мен биламан. Ундан кўра сиз омонат банклари билан жангни гўёки муқаддас салиб юриши ҳисоблаб, очиқчасига ва айлантирмай жавоб берганингиз яхши эмасмиди?
Палмер кулди:
— Мана бу энди ёқимли кутилмаган нарса.
— Шунақами? — Лумис унга диққат билан қаради. Кейин унинг жавоб айтишдан қочишни дўндиришига қойил қолди. Унинг катта-катта кўзлари Палмердан четлаб ўтиб, танобийнинг тўрига диққат билан тикилди. — Ҳаммамиз шу ердамиз, — бироз жимликдан сўнг деди у, — биламиз: бу нақд пуллар учун бор-йўғи муштлашув, холос. Ҳозирги вақтда нақд пулларнинг катта қисми омонат банклари ихтиёрида турибди, тижорат банклари эса пулдан ўмариб қолмоқчи бўлди. Бундай аҳволда ҳеч ким ютолмайди.
— Оммадан бошқа ҳеч ким, — қўшиб қўйди Палмер.
— Мутлақо тўғри, — Лумис яна бир неча бор бошини ирғади. — Омма ҳар доим сал бўлмаса ошкора ичиқоралик билан муштлашувни кузатиб туради. Масалан, чакана нархлар атрофидаги муштлашувни. Оммага эса ким енгилишининг мутлақо фарқи йўқ. У энг арзон нархда ҳамма нарсани сотиб олса бўладиган пайтни кутиб туради, холос. Мақола учун аъло сарлавҳа: “Банкирлар бир-бирнинг гўштини ғажишга тайёр”. Омма бундай нарсаларни кўзига суртади. Банкирлар муштлашиб ётганда ўз маблағига йилига чорак фоиз қўшимча қидириб, маблағ қўювчиларнинг тит-питини чиқарадилар, гўё бу уларни Қорунга айлантирадигандек. Ким ютиб чиқади? Омма; лекин биз эмас. Шу жойда фикримиз бир жойдан чиқар?
— Мутлақо.
— Сиздай тажрибаси бор одамга, — тезгина давом этди Лумис, — бошқа одамлардан фарқли ўлароқ, банкирлар уларнинг ахлатни кулбадан олиб чиқишдек дабдабага йўл қўя олмасликларини тушунтириб ўтиришнинг асло ҳожати бўлмаса керак. Гапим тўғрими, хўш, нима дейсиз?
— Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз.
— Бошқалар учун, биз учун озуқа бўладиган нарса заҳардир, шундай эмасми? — қўшиб қўйди Лумис.
— Тўғри.
Бундай тутуруқсизликдан завқланиб, Палмер ўзини ўриндиққа ташлади. “Қорунга ўхшаган бой” — кинояли кулди у, — “кулбадан чиққан ахлат”, “заҳар”. Бундай эски ғоялар ёрдамида Жо Лумис қандай қилиб юксакликларга етиб оларди? Юравериб текисланган темир из барибир мустаҳкам бўларкан-да.
— ... агар таъбир жоиз бўлса, бу воқеани силлиққина юздан сидириб ташлаш керак, — давом этди чол, — то у Олбанигача етиб боргунча. Қонун бунга қўл уриши ҳамон биз ҳаммамиз мушкил аҳволда қоламиз.
Палмер эҳтиромли бош ирғаб қўйди, пайт пойлаб турди, иложи борича кўпроқ самимий гапиришга ҳаракат қилиб деди:
— Буни сиз филиаллар ҳақидаги қонун лойиҳангизни қайтариб олишга тайёрсиз деган маънода тушунишимиз жоизми?
Лумис ўриндиққа оғир чўкди ва бир нафас Палмерга у нишонга ургандек туюлди. Унинг туб сабабини билгандан кейин энди бу қизиқ ўйиндай бўлиб қолди. Бироқ Лумиснинг чекингандек бўлиб кўриниши бор-йўғи официантнинг столга яқинлашиб келиши туфайли экан. Официант яшин тезлигида нарсаларни жой-жойига қўйди-да, яшин тезлигида ғойиб бўлди. Палмер чолнинг ўз жўжасини санчқи билан айлантираётганини кузатиб турарди.
— Сиз буни ҳечам бу маънода тушунганингиз йўқ, — ниҳоят сукунатни бузди Лумис. У Палмерга қараб қўйди. — Мени огоҳлантиришларича, сиз ғоят қобилиятли эмишсиз, — хотиржам қўшиб қўйди у ва яна жўжани титкилай кетди.
— Мен фақат бир нарсани айтмоқчи эдим, — давом этди Палмер, — токи омонат банклари филиаллар тўғрисидаги ўз қонун лойиҳаларида қаттиқ турар эканлар, бу ишни йўлга қўйиш қийин бўлади.
— Биз бунга эришолмасак-чи? — Лумиснинг кўзлари ликобчадан узилиб, Палмерга қадалди.
— Унда биз ҳеч нарса учун жанг қилмаймиз.
— Бу сизнинг фикрингизми ё Лэйнникими?
Палмер елка учириб қўйди-да, ўз қовурдоғидан бир бўлак гўшт узди.
— Менимча, бундай нуқтаи назар ҳар биримизга ҳам маъқул келса керак.
У қовурдоқдан татиб кўрди ва қайла у клубга даставвал келганидагидан заррача кам эмаслигига иқрор бўлди.
— Филлиаллар ҳақидаги қонун лойиҳаси бўлмаса, улар учун жанг ҳам бўлмайди.
Лумис бош ирғади:
— Муросасизлик борасида сизнинг тасаввурингиз ғоятда ажиб эканми? Бор-йўғи сўзсиз таслим-ку! — У оғзига жўжа гўштидан бир бўлак солди-да, уни узоқ чайнади. — Тўғрисини айтганда, Лэйн сизни ишга таклиф қилмаганида яхши бўларди деб ўйлайман, йигитча. Сиз ҳам унга ўхшаб камгап экансиз.
— Жуда унчалик эмас.
— Ўзингиз айтгандек, бу масалада сиз ҳали янги эканлигингизни ҳатто ундан кўра кўпроқ эътиборга олишингиз мумкиндир. Янги одам аввал у ёқ-бу ёғига қараб олиши ва кутиб туриши керак бўлади.
— Айнан кутиб туриш — менинг фикрим шундай, — деди Палмер.
— Сизга Лэйн Бэркхардт ҳақида баъзи нарсаларни маълум қилишимга ижозат  берсангиз, — гап бошлади Лумис. — У ўзига худди раҳнамодай қарайди, у аслида ҳам раҳнамодир. Унда юксак парвоздаги раҳбар учун ҳамма нарса бор: у ўзининг қадрини яхши сақлайди, ҳамма нарсани дид билан қилади, унинг қад-қомати шамшоддай, ўз услуби, жилваси бор, яъни барча зарурий ташқи фазилатлар муҳайё. Гўё у сафарга буйруқ бериб туриш учунгина дунёга келгандай. ЮБТК бошлиғи сифатида у ўзининг туғма фазилатларига яна қандайдир жиддий нарсаларни қўшди — бу улкан молиявий қудрат. Мана шу барчасидан келиб чиқиб, уни ҳамма тижорат банкларининг раҳнамоси деб ўйлаши мумкинми ёки йўқми, хўш? Аммо бу ундай эмас. Зеро, ҳеч ким раҳнамо бўла олмайди. Ҳар бир банкнинг тақдири ўзгача; булар барчаси ўтаверсин-у, худди омонат банклари сингари улар бир-бирлари билан рақобатлашадилар. “Юнайтед бэнк” учун яхши бўлган нарса унга қариндош бўлган тижорат банклари учун ҳар доим маъқул келавермайди. Борди-ю, ЮБТК учун бирон нарса номаъқул бўлса, Лэйннинг раҳнамо сифатидаги барча етук фазилатлари унга у билан рақобатлашаётган банкларни улар ҳам шундай азият чекаётганларига ишонтира олмайди. Албатта, бунақаси ҳам учраб туради, ҳар ҳолда. Борди-ю, Лэйнни раҳнамо деб тан олишса, улар яна-да кўпроқ азият чекадилар, чунки бундай ҳолда уларнинг қисман ўз мустақиллиги билан иш тутишларига тўғри келади. Синчиклаб қараб чиққанда шундай хулосага келасизки, барча тижорат банклари номидан иш юритувчи бошлиқ ҳар доим унча катта бўлмаган, иложи борича аллақаёқдаги чекка жойлардан чиққан одам бўлиши керак, у ҳақиқатан ҳам улканлар ичида миттивой бўлиб кўрингани туфайли уларнинг умумий манфаатларини намоён этиш учун сайланади. Улканлар уни қўллаб-қувватлайдилар, чунки бу улар учун ҳеч нарсага арзимайди. Бироқ саҳнага Лэйн чиқиб келганида, улар унинг ортидан эргашадилар ва чекинадилар. Лэйн ҳам сафлардан шу қадар олдинга узоқлаб кетадики, энди мусиқа унинг қулоғига чалинмай ҳам қолади.
Фикрнинг ўзидан эмас, Лумиснинг ўз фикрларини ҳеч бир қийналмайдиган сийқаликдан холи қилиб баён эта олишидан Палмер жилмайиб қўйди.
— Ўйлашимча, темир калтак билан олдинда мағрур кетиб бораётган ва бутунлай ўзи билан ўзи андармон бўлган одам, — деди Палмер, — бу Бэркхардт эмас. Бу менинг ўзимман.
Улар кўришганларидан буён биринчи марта Лумиснинг оғзи жилмайгандан узун чўзилди.
— Мана буни энди ҳақиқий суҳбат деса бўлади, — мамнуният билан деди у. — Лэйн сизни қандай аҳволга солишини тушунасизми, йўқми, мени шу нарса қизиқтираётганди.
— Аммо мен ҳозир айтмоқчи бўлган гап сизга ёқмайди, — деди Палмер. — Кўраяпсизми, менга ажратилган рол, нима десам экан, бировларнинг жатига қолган одам, менимча, шу тўғри келади...
— Ишонинг, худди шунинг ўзгинаси, ҳа, — тасдиқлади чол.
— Лекин бу мени ташвишлантирмайди ҳам...
Палмер бирмунча муддат қотиб қолгандек туюлган Лумисни кузатиб турди. Кейин Лумис икки бор бошини ирғади.
— Ҳаммаси равшан, — деди у, — худди шундан чўчиб турган эдим.


Йигирма бешинчи боб

Лумиснинг айби билан ленч ҳам расво бўлди, шошаётганини яширишга ҳам ҳаракат қилмади, деди ўзича Палмер банкка йўл олар экан.
Хайрлашув чоғида Лумис:
— Шаҳарга қирқ дақиқаларда тушаман, мени кутмасангиз керак? — дея ташлаган луқмасида ва Палмернинг:
— Ҳа, албатта, — деган жавобида бу айниқса яққол садо берди.
Энди Ист Ривер шоҳроҳидаги машиналар оқими ичида чап бериб келаётган таксида ўтираркан, Палмер Лумис билан суҳбатидан олган ғариб маълумотлар ичидан энг муҳимларини танлашга ҳаракат қиларди.
Лумис, албатта, ҳақ эди: Палмер ҳаддан ташқари муросасиз нуқтаи назарни банд этганди. Аммо Палмерга бошқа нарса ҳам равшан эди: бошқа ҳар қандай ёндошув заифлик деб баҳоланиши мумкин. Ҳатто агар Бэркхардт бирон нарсани ошириб юборган тақдирда ҳам барибир Лумис унинг қаршисида ўзини бу қадар заиф қилиб кўрсатиши мумкин бўлган одам эмасди.
Гарчи Лумисдек муваффақият қозонмаган бўлса-да, отаси ўша тоифадаги одамлар сирасига кирарди. Хоҳ теннис кортида бўлсин, хоҳ бизнесда, уларни биргина хоҳиш — енгиш хоҳиши телба қилиб қўйганди, бу эса рақиб учун ўйинни ҳар қандай завқдан маҳрум этар эди. Уларнинг шарти битта — қандай ўйнашмасин, ютишса бўлгани. Дарвоқе, улар ҳақ бўлишлари ҳам мумкин. Палмер бошини чайқади.
Чап томонда Белвю бинолари кўзга ташланди — темир ва шиша қутичалар билан қуршалган кўҳна, ифлос госпитал. Бу учрашув унга бирон нарса бердими?
Йўл-йўлакай Бернс ҳақида эслаш Палмернинг диққатидан қочиб қутулмади. Лумис ҳатто кўринишдан бу билан махсус ахборотга эга эканини ҳам билиб олди, шунингдек, ундан жиддийроқ маълумотларга эга эканини-да тушунтириб қўйди.
Палмерга қандай топшириқ берилганини аниқ билишга Лумис шама қилди. Бу синов соққасими ёки далилни рўкач қилишми — ҳар иккала ҳолда ҳам бунга алоҳида аҳамият беришга арзимасди.
Лумиснинг Бэркхардтга қарши ирод этган айблов нутқи Палмернинг назарида икки мақсадни кўзда тутарди: унинг шефга бўлган ишончини дарз кетказиш ва айни вақтда тижорат банклари ўртасида мавжуд келишмовчилар хавфини кўрсатиб қўйиш. Униси ҳам, буниси ҳам ҳозирги паллада Палмерни ташвишга солмасди. Нима учунлигини унинг ўзи ҳам аниқ чамалай олмасди, аммо бу масалани ҳам ҳал этишга улгураман деб аҳд қилди.
Бироқ Палмер Бэркхардт уни қийин аҳволга солиб қўйганини тан олгандан кейин уларнинг суҳбатида бурилиш рўй бериши ғоят қалтис эканини сезган эди ва сувдан қуруқ чиқиш учун чол барча чораларни кўриб қўйганини унинг ўзига билдирди.
Ҳайдовчи тўсатдан шартта ўнгга бурди ва Палмер чарм тутқичдан ушлаб қолди. Қирқ иккинчи кўчага чиқаверишда туриб қолмаслик учун машина бошқа енгил автомашиналар сафига қўшилиб олди. Бир лаҳза Палмернинг кўз олдида Бирлашган Миллатлар биноси намоён бўлди, сўнг машина унинг тагидаги йўлакка шўнғиди. Палмер камарни қўйиб юборди-да, ўриндиққа қулайроқ жойлашиб олди. Борди-ю, агар кекса Бэркхардт уни такадан сут олишга ўргатганида ҳам, охир-оқибатда унга барибир эмасми? Нима учун Лумис бу унинг учун шунчалик аҳамият касб этиши керак деб ҳисоблайди? Ахир Палмер банк акцияларининг янги асосий тутиб турувчиларидан бири эмас, балки бор-йўғи омбор ходими эди-ку. Унинг молиявий аҳволини, шубҳасиз, Лумис яхши биларди.
Ўртача Чикаго банки акцияларининг катта миқдорини сотгандан кейин кишида албатта у кундалик харажатларига ишлатганидан анча кўпроқ пул қилади. Палмер маош учун эмас, балки бу ишдан оладиган завқ учун ишлаётганини Лумис, шубҳасиз, биларди.
Палмернинг бу нуқтаи назаридаги қалтислик ишни унинг учун яна-да мароқлироқ қиладиган таваккал билан боғлиқлигини наҳотки Лумис тушунмади?
Машина шоҳроҳга бурилиб, улар шаҳарга кириб келганларида Палмер ҳаммасини жой-жойига қўйиб олганидан мамнун ҳолда бош ирғаб қўйди. Биринчи марта у бунинг уддасидан чиқиб турибди. Ахир у Эдисга ҳеч нарсани тушунтира олмас эди-да. Энди эса ҳамма нарса мантиқий маънога эга бўлди. Хотинига ўз фикрини қандай англата олишини у тасаввур қилишга уриниб кўрди.
Палмер. Биласан-ку, мен пул учун ишламайман. Фақат ўзим энг яхши билган иш билан машғул бўлиш имкониятига дуч келиб қолганман. Бунинг устига менга тўла мустақиллик бериб қўйилган.
Эдис. Чикагода отанг ўлганда ҳам шундай имкониятга эга эдинг.
Палмер. Лекин у ерда мен отам арвоҳларининг бутун бир лашкари қуршовида қолиб кетган бўлардим. Бу ерда эса мен бамисоли илғор сафда, қаттиқ жангнинг энг қизғин ўчоғидаман. Чикагода мен ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлмасдим. Йўқ, фақат бу ердагина бор бундай имконият.
Эдис. Бу ерда-я? Бэркхардтнинг оёғи остида-я?
Палмер. Йўқ, унинг ҳокимиятидан анча олисда. У истаган пайтда аралашишга жуда узоқ жойда. Гарчи унинг шундай нияти йўқ эмаслигига ишончим комил бўлса-да.
Эдис. Азизим, эҳтиёткор чолгинам.
Палмер. Бэркхардтни эсдан чиқарайлик. Асосийси — бу мен. Мен ёшман, ишга, ҳокимиятга, яратишга чанқоқман.
Эдис. Қирқ беш — бунда ёшлик қолибдими?
Палмер. Декабрдагина қирқ бешга кираман.
Эдис. Суғурта дафтарчасида сени қирқ бешга кирган деб ёзиб қўйилган.
Палмер кўзларини қаттиқ қисди ва титроқ қовоқлари остидан, кўзларининг милкидан ҳатто ёш чиқиб кетди. Нима учун Эдис унга доим шунақа заҳарли ролда намоён бўлади? Нима учун унинг ҳақидаги фикр нафратдан бошқа ҳеч қанақа туйғу уйғотмайди? Ахир унда ижобий жиҳатлар ҳам бор-ку.
Машина юришини секинлатди-да, йўлканинг нақ четига келиб тўхтади.
Кўзларини очиб, Палмер ўзининг банкини кўрди, унинг шакл-шамойили бир лаҳза нотекисдек ва хира кўриниб кетди. Палмер ёшни сидириб ташлади, ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилди ва банкка кирди.
Швейцарнинг саломига бош ирғаб жавоб қилиб, Палмер у ёқ-бу ёққа қараб ўтирмай, лифт томонга ўтди. Юқори қаватда у шифт ёғдусида йўлак бўйлаб, деворларда осиғлиқ суратлар ёнидан одимлаб кетди, заррин тусли тўқ яшил гиламга бир лаҳза қараб қолди, бориб сочи оппоқ, сийналари ғўч котибаси ёнида тўхтади.
— Ҳаммалари хонангизда...
Хонасига киргач, Палмер жувоннинг нима демоқчи бўлганини шунда англади. Хона ҳаддан ташқари кенг-ковул бўлишига қарамай, у одамларга тўла эди. Гарри Элдер Палмернинг ёзув столи қиррасига қўнган, унинг сийрак оппоқ сочлари ойнаванд шифтдан тушаётган нурдан йилтирарди. Стол қаршисидаги ўриндиқлардан бирида Виржиния ўтирарди. Афтидан Палмерни биргина у кутмоқда эди. Мак Бернс катта дераза олдида Палмерга нотаниш бўлган бир кишига пастдаги Бешинчи авенюдан алланимани кўрсатарди. “Ролли” фотоапарати ва елкасига осиб олган ёритувчи аппарат билан қуролланган бошқа бир нотаниш одам Ханни Керд ҳайкалини кўздан кечирарди.
— Ву-у-ди-и, — чўзиб деди Мак Бернс. Бу сўз унинг санъати учун оз жой қолдиргандай бўлиб кўринишига қарамай, у барибир унга алоҳида жаранг касб этмоқчи бўлди ва сўз яна бирмунча муддат ҳавода акс садо бериб турди.
— Вуди, “Стар” таҳририятидан келган Жим Стеккерт билан таниш, бу эса — мистер Кесслер, унинг фотоаппаратлари. Жентльменлар, танишинглар — Вудс Палмер-кичик.
Палмер олдинга бир неча қадам қўйди, келганлар билан бирма-бир қўл бериб кўриша бошлади. Стеккерт озғин, касалванд чеҳрали ва ҳорғин кўзли одам эди, гўё лаблари ташқи таъсир, реле ёрдамида табассумдан ҳаракатга келадигандай. Ичимдан топ одам, бундайлардан кўп нарсани ололмайсан, ўйлади Палмер. Фотограф Кесслер, кўп ўтмай, ўзи сезгандек, бутунлай бошқа табиатли одам эди.
— Бу сизнинг ишингизми? — қизиқсинди фотограф ҳайкалга бармоғини қўйиб.
— Бу Ханни Керднинг иши.
— Унда нима ифода этилган?
— Болаларимнинг портрети.
— У-у! Сизни боплаб шилишганга ўхшайди.
— Хато қилмадингиз, — жиддий жавоб берди Палмер.
Ҳайкални томоша қилар экан, Кесслер орқаси билан Палмерга ўгирилиб олди.
— Ечиб бўлмас ребус. АҚШда тайёрланган, — минғиллаб қўйди у.
— Мак, — гап қотди Палмер, — мени ҳам мана бу йиғилиш мақсадидан воқиф қилиш вақти келмадимикан? Ёки мен ўзим ўйлаб топайми?
— Наҳотки сиз... — Бернс тўхтади, қовоғини уйди, пастки лабини тишлади ва хаёлга чўмганча уни чайнаб қўйди. — Бу қанақаси, мен ҳайрон қолаяпман, — давом этди у овозини пасайтириб, — мен ўйловдимки, сиз... Ўйловдимки, мен... Жим Стреккерт “Стар”да молия бўлимида ишлайди, Вуди. У...
— Фараз қилайликки, мен бу шаҳарда янги одамман, — унинг гапини бўлди Палмер, — аммо мистер Стеккерт нима билан шуғулланиши менга кундай аён. — У Виржиния Клэри ва Гарри Элдер томон ўгирилди. — Балки сизлардан биронтангиз менга тушунтириб берарсиз?...
— Бернсга мурожаат қилаверинг, — жавоб берди Виржиния жилмайганча. — Бизнинг ўзимиз ҳам унчалик яхши билмаймиз...
— Бўлди, тушунарли, — бирданига деди Мак Бернс ва ҳамма унга бурилиб қараши билан давом этди: — мистер Палмер бугун қанақанги шонли кун эканини эсдан чиқарган, буни қаранг-а, атиги ўн беш йил ўтибди-ю, у бўлса эсдан чиқариб ўтирибди...
— Ўн беш йил? Нимани айтаяпсизлар? — сўради Палмер.
— Ҳой Вуди, нима қиласиз ўзингизни ҳеч нарса билмаганга солиб, жин урсин, — унинг гапини бўлди Бернс ва “Стар” репортёри томон бурилиб деди: — Ҳеч шунақасини кўрмаганмисиз?
— Бўлмаса-чи, — қўпол оҳангда деди Стеккерт. — Ҳар гал мижозларингиз ўз вақтида огоҳлантириб қўймаганида шунақа бўлади. — У Палмерга бурилди ва юзида зўраки жилмайиш пайдо бўлди.
— Агар мана бу нусхага ишонадиган бўлсак, — Стеккерт бошмалдоғи билан Бернс томонни кўрсатди, — бугун Пенемюнденинг ўн беш йиллиги.
Унинг юзидаги табассум сунъий равишда ғойиб бўлди.
Палмер қовоғини уйди:
— Наҳотки? Жин урсин, ростданам шунақага ўхшайди. — У столга келиб ўтирди ва такрорлади: — Ўн беш йил.
— Демак, Бернс ўйлаб топмаган-а? Шу тўғрими?
— Ўн беш йил деганингизга қўшилишим мумкин, — жавоб берди Палмер, — аммо аниқ санасини айта олмайман.
— Йўқ, шунинг ўзи етарли. — Шундай деб Стеккерт Палмернинг рўпарасига келиб жойлашди. Чўнтагидан катта, икки букланган ва кирланган ён дафтарча ва йўғон, учи тўмтоқ қалам олди-да, ёзишга чоғланди.
Палмер унга қараб қўйди ва ўйлади: наҳотки энди ҳаммаси ўшандай сийқа йўл билан бўлса? Ёки у шунчаки қитмирлик қилаяптими? Томошани охирига етказиш учун Стеккертнинг ҳозир шляпасини боши орқасига суриб қўйишигина  қолганди, холос. Бироқ “Стар”да ишловчи репортёрларнинг уйга кираётганида барибир шляпаларини оладиган одатлари бор экан.
— Шундай қилиб, нимадан бошлаймиз, мистер Палмер? — унга мурожаат қилди Стеккерт.
— Энди бошидан бошласа бўлаверади.
— Жуда яхши, марҳамат.
— Пенемюнде қаердалигини биласизми сиз?
— Германияда. Аллақаерда, денгиз бўйида.
— Тўғри. Германиянинг энг шарқий қисмида. Польша билан чегарада. Бу Болтиқ денгизидаги орол бўлиб, Пене дарёси ўзанига яқин, у денгизга қуйиладиган жойда жойлашган. Ундан шимоли-ғарбда Фин қўлтиғи бор, қитъада эса — Грейфсвальд шаҳри. Жануби-шарқ томонда Шчецин шаҳри ва Свиноуйсте деб аталадиган поляк шаҳарчаси жойлашган. Тушунарлими?
— Тушунарли.
Стеккертнинг юзидаги сўнгги шубҳа ифодалари ғойиб бўлаётганини кузатаркан, Палмер кулиб юборишидан ўзини аранг тутиб турарди. Репортёрнинг қалами сариқ ён дафтарида аллақачон қандайдир қайдлар қиларди. Далилларни қоп-қоп келтириб қўйиши ҳар қанақанги шубҳани бартараф этишнинг энг яхши усули. Палмер фотограф ҳам ҳайкалтарош санъатини суратга олишни бир четга қўйиб, диққат билан қулоқ солаётганини кўрди. Ҳатто Виржиния Клэри ва Гарри Элдер ҳам унга диққат билан қулоқ соларди. Марк Бернс дераза олдида  турар ва ташқаридаги манзарани томоша қиларди. Бироқ Палмер унинг ингичка лабларида билинар-билинмас табассум ўйнатганини пайқади.
— Бизнинг ТФ гуруҳимиз икки “жип”дан иборат эди: командир бораётган броневик ва пиёда аскарлар взводи ўтирган юк машинаси, — деди Палмер. — Йигитларда пулемётлар, кўздан ёш оқизувчи ўқлар билан ўқланган бир нечта милтиқ ва базукалар бор эди. Мен унда майор унвонида эдим ва мен билан яна бир лейтенент ва сержант бор эди. Қолган унтер зобитлар бизнинг тезкор гуруҳимизга кирмасди.
— Илтимос, айтиб беринг-чи, тезкор...
— Ҳа, ҳа, — унинг гапини бўлди Палмер, — бу унча катта бўлмаган, фақат махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган ғоятда ҳаракатчан гуруҳ. У душман қисмлари билан тўқнашмасликка ҳаракат қилади, фуқаро мудофаасига дахл қилмайди ва одатда, жосуслик маълумотлари тўплаш билан шуғулланади. Бизнинг гуруҳимизга келсак, у ўзида орқамиздан 12 соат фарқ билан келаётган асосан кўпсонли қўшилмалардан иборат авангардни ўзида намоён этарди. Менинг командирим Эдди Хейген эди. Генерал Эдвард Х.Хейген: русларнинг катта қўшилмаси тахминан Пенемюнде ёнида турарди, биздан кўра анча яқинроқда эди. Кейин биздан илгарилаб кетиб, у ерга биринчи бўлиб кириб боришларига ишонарди. Аммо биз агар улар илгарилаб олишга ҳали жазм этмаган бўлишса, бизнинг биронта тезюрар қўшин қисмларимиздан бири улардан олдинроқ етиб боришига умид қилардик.
— Хўш, нима бўлди?
— Унчалик эмас, — деди Палмер, — немис разведкачи олимлардан бир қанчалари рус қўшинлари турган жойга йўл олиб бўлганди. Бошқалари Америка қўшинларига пешвоз чиққани кетишди ва албатта, уларни топиб олгунимизча кўп  ҳам кутишга тўғри келмади. Биз Пенемюндега бир кун олдин етиб боришимиз ҳам мумкин эди, бироқ йўлда бир неча марта отишмаларга учрадик ва бизда яраланган асирлар бор эди — лейтенант — менинг машинам ҳайдовчиси ва уч пиёда аскар. Биз уларни командир броневигида олиб борардик, чунки унинг рессорлари мустаҳкам эди-да. Ярадорларни госпиталга юбораверса бўларди, лекин биз бундай қилолмасдик, чунки Хейген буйруғига бўйсунардик. Биз Гамбургдан шарққа, Ростокка қараб бормоқда эдик  ва бу тахминан бир юз йигирма мил масофани ташкил этарди. Грейфсвалдгача олтмиш милдан ошиқроқ юришимиз керак эди. Шунда барибир броневикни қалин дарахтлар орасига яшириб қолдиришимизга тўғри келди: ярадорлар тез юргандаги силкинишларга бардош беролмас эдилар. Грейфсвалддан  Волгастгача йигирма мил эди, у ердан Пенемюндегача эса беш мил ҳам чиқмасди.
— Қанча немисни асир ола олдиларингиз?
— Деярли битта ҳам. Биласизми, буни қўшин қисмларини асирга олиш билан шуғулланиш деб айтиб бўлмасди. Биз уларга қўриқчилик қилардигу, дурустроқ қўриқлаш имкониятига эга эмас эдик, чунки сон жиҳатидан улар биздан кўплик қилар эдилар. Биз бу ишни улар бизга ўзларини қуролсизлантиришга қўйиб беришлари учун бажарар эдик.
— Таниқли немис олимларининг иши қандай эди? Улар нимани мўлжаллар эдилар? Нималар дейишди?
Палмер  елка қисди.
— Олимлар ўзлари анча мағрур турар эдилар, айниқса таниқлилари. Даражалари қуйироқлари эса, айниқса сиёсий жосуслар, пича аянчли кўринар эдилар. Биз уларни тутиб олганимиздан кейин, яъни бу воқеа содир бўлгандан бир ҳафта сўнг бир қанча жуда таниқли олимларни қўлдан бой берганимиз маълум бўлди. Тўғри, бизда фон Браун, Эрике ва Гаусслар бор эди, бу эса чакки нарса эмасди.
— Гауссми? — қайта сўради Стеккерт.
— Гейнц Гаусс. Портлашлар бўйича эксперт.
— Кейин у нима бўлди?
— Гаусс шу ерда, Қўшма Штатларда, — тушунтирди Палмер, — у бошқаларга қўшилиб кетган. У... Мен, тўғриси, билмайман, у, афтидан, биронта авиация — ракета фирмасида ишлаяпти. Бир неча ой муқаддам у ҳақда газеталарда бир нималар ёзишди, агар янглишмасам, бу “Стар” эди.
— Жим айни шу ҳақда ёзади, — мийиғида кулиб минғирлади Бернс, — бунинг учун у газетани ўқиб ўтирмайди.
— У ҳақда нима муносабати билан ёзишган эди? — суриштиришда давом этди Стеккерт.
— Ҳозир яхши эсимда қолмаган, — жавоб берди Палмер, — бу қанақадир двигател билан боғлиқ эди, у янги ёнилғида ишларди, синов чоғида портлаб кетган. Қолганини ўзингиз билиб олаверасиз.
— Сиз қачон бўлса ҳам ўзларингиз асир олган одамлар билан ҳеч учрашганмисиз?
— Биз уларни асир олмаганмиз, — унинг гапини тузатди Палмер, — бизнинг вазифамиз шундан иборат эдики, руслардан олдин бу одамларни топиш. Биз ўзимиз билан олиб олган одамлар эса ўзлари таслим бўлишга аҳд қилишган.
— Сиз улар билан ҳеч қанақанги алоқа ўрнатганмисиз?
— Мутлақо. Хейген билан, ўз-ўзидан маълумки, олдингидай дўстона кўришиб турамиз. — Бернсга қараб қўйиб ва кейин Стеккерга жилмайиб, Палмер гапида давом этди: — Сизлар немисларнинг ўзлари билан ёки Эдди Хейген билан гаплашсаларингиз, кўпроқ қизиқ бўлишига аминман. У ҳозир фуқаролик хизматида ва йирик компаниялардан бирида ишлаяпти.
— Лекин бу сиз айтишингиз мумкин бўлган ҳамма нарса эмас, — гапга аралашди Бернс, Палмернинг столи томон йўналар ва айни вақтда репортёрга қараб қўяр экан.
— Мен энди бир нарсани сўрамоқчи бўлиб турувдим, — деди Стеккер, — шундай фаолият билан боғлиқ сиздай бир одам қандай қилиб банк ишига тушиб қолдингиз?
— Бу менинг асосий касбим.
— Яхши. Унда, айтинг-чи, бундай фаолият билан қай тариқа шуғуллангансиз? — сўради репортёр.
— Бу сиз айтганчалик даражада эмас... — деб Палмер гап бошламоқчи бўлувди ҳамки, Бернс баланд овозда гапини бўлиб деди:
— Ватанга ҳар хил йўл билан хизмат қилса бўлади. Халқнинг қорнини тўйдириш учун баъзилар буғдой етиштиради. Мистер Палмер бошқа соҳада ихтисослашган. У банкир, бу эса у миллий маблағни ҳимоя қилади дегани ва ... — Бернс гапдан тўхтади-да, лабини ялаб қўйди.
— Ва миллий саноатни молия билан таъминлайди, — қўшиб қўйди таъкидлаганнамо аста Виржиния Клэри Стеккертнинг ён дафтарини нигоҳлари билан кузатар экан. — Бунда у миллий анъаналар доирасида туриб амал қилади, булар эркин ишбилармонлик ва хусусийлик. Сизларнинг пулларингизни сақлаб берадиган муассасалар озмунча эмас. Бироқ фақат тижорат банкигина ташкилотга фойда келтирувчи соф америка хусусий мулкини ўзида намоён этади. Бошқа ташкилотлар бошқа ғоялар — жамоатчилик мулки, моддий манфаатдорлик аҳамиятини рад этиш ғоялари асосида ташкил этилган. Бу ҳол, масалан, Россияда кузатилади, бу ерда...
— ... бу ерда Пенемюнденинг қолган немис олимлари турибди, — унинг гапини бўлди Бернс. — Бу ерда қандай алоқа борлигини энди кўриб тургандирсан, Жим? Банкир бу минтақада Палмер ўйнаган ролни ўз зиммасига олгани ҳеч ҳам ажабланарли ҳол эмас. Бири иккинчиси билан узвий боғлиқ, униси ҳам, буниси ҳам мутлақо америка ғоялари муҳофазасини таъминлаш мақсадларига хизмат қилади.
Қоғозда тез-тез сирпанаётган Стеккертнинг қалами ўз тезлигини пасайтирди. Стеккерт Палмерга қаради-да, бирдан сўради:
— Демак, сиз ўз фаолиятингизни айнан шу жиҳатда кўрасиз, шундайми?
— Йўқ, албатта, йўқ!
Репортёрнинг қўлидаги қалам қотиб қолганди, у ҳайрон бўлиб, кўзларини катта-катта очди:
— Бу қанақаси?
— Мистер Бернс ва мисс Клэри айтган гаплар мен Пенемюндеда бажарган буйруқлар билан ҳеч қанақа умумийликка эга эмас. Уруш бўлиб турганда, ҳақиқий ҳолат билан яшайсан. Нима қилиш керак бўлса, шуни қиласан. Бу нимага керак, деган ўйни хаёлингга келтирмайсан. Шунчаки  керак, вассалом...
— У айтмоқчики, — шошиб гапга аралашди Бернс, — атрофда снарядлар портлаб турганда, ўйлашга вақт қолмайди...
— Бекор гап, — унинг сўзини бўлди Палмер, — уруш вақтида неча марталаб кутишга ҳам тўғри келган. Сизнинг ёшингизга қараб ҳукм чиқарадиган бўлсак, мистер Стеккерт, сиз буни эслашингиз керак. Шунақаси ҳам бўлардики, узоқ-узоқ кутардиг-у, аммо жуда оз ўйлар эдик, жин урсин!
— Ҳа, эсимда, — жавоб берди репортёр, — тўғри, биз Ремагендан нарига ўтмаганмиз, лекин мен ҳаммасини эслайман. — Стеккертнинг лаблари билинар-биланмас эгилди, кўзларида ғалати учқун чақнади. У кўзининг қири билан Бернсга қараб қўйди, кейин эса Палмерга тикка боқиб жилмайди. Биринчи марта унинг жилмайиши самимий чиқди.
Палмер кўзларини пастга олди. Ҳа, воқеа қалтис тус олмоқда эди. Реклама бўлимидаги унинг одамлари репортёрнинг бежамоқчи бўлган жирканч қаллоблик уни барбод этиши ҳеч гап эмасди. “Стар” газетаси муҳаррири тугул ҳар қандай муҳаррир бунақа дағал уйдирмани рад этган бўларди. Энди эса, унинг раддияси хатга олинганда, Стеккерт лоақал унинг раддиясини тушунтириб бериш учунгина бу жирканч уйдирмаларнинг бир қисмини бирон-бир жойга тиқиштирса бўлади.
(... “Мистер Палмер уруш давридаги унинг фаолияти ва ҳозирги вақтдаги тижорат банки вице-директори сифатидаги иши ўртасида мавжуд ҳар қанақанги муносабатни сиполик билан инкор этди. Бу вазифаларнинг баъзи умумийликларини эътироф этиш мумкин деб биласизми, деган саволга у рад этиб туриб айтдики...”).
— Илтимос, сал бундайроқ қараб, — Палмернинг қулоғига фотосуратчининг товуши чалинди.
— Фақат ҳайкалга яқин бўлиб қолмасин, — огоҳлантирди Палмер.
— Бу ёққа келинг, — деди Бернс яна дераза олдига келиб туриб. — Бу ердан шаҳар ва айниқса парк жуда гўзал кўриниб турибди.
Шифтдан хонага тушиб турган ёрқин нурдан фойдаланиб, Кесслер ўн-ўн бештача суврат олди. То Стеккерт қониқиш ҳосил қилиб бош ирғамагунча Палмер унинг саволларига жавоб бериб турди. Хона эшиги тагига етганида Кесслер яна бир қур ҳайкалларга разм солди.
— Яна бир марта келиб, бу нарсаларни кўришимга монелик қилмайсизми? — сўради у Палмердан.
— Марҳамат, истаган вақтда келаверинг, — таклиф қилди Палмер.
— Биласизми, бу ҳайкалда нимадир бор-у, сира тушунолмайман. У менинг ҳам ғашимни келтиради, ҳам ундан кўзимни узолмайман.
— Оммадаги унинг муваффақияти сири ҳам шунда бўлса-чи, нима дейсиз?
— Сизга нима дейишимни ҳам билмайман, — тан олиб деди Кесслер ва Палмернинг қўлини қаттиқ қисди. — Фақат бир нарсага аминманки, унга ҳар куни саккиз соат давомида тикилиб турган одам мардоналикка эга бўлади. — Виржиния Клэри томон бурилиб, у деди: — Хўп, ҳозирча хайр, Жинни. — Сўнг Стеккерт билан изма-из хонадан чиқиб кетди.
Улар кетгандан кейин ҳукм сурган скунат ичида Гарри Элдер эшикни ёпди ва оҳ тортганга ўхшаш қаттиқ хўрсиниқ билан ўзини Виржиния ёнидаги ўриндиққа ташлади.
— Қўшиламан, — деди Виржиния.
— Эҳ, сизлар, ижтимоий фикр ижодчилари, — алам билан деди Палмер ўз столига келиб ўтираркан, — наҳотки бирон-бир одам бунақа нарсага жиддий тус беради деб ўйласангиз?
— Вуди, — оҳангдор чўзиб деди Бернс, — Вуди, сиз бу ҳужумни боплаб қайтардингиз.
— Сизга шунинг учун пул тўлашар экан-да, шундайми? — сўради Палмер. — Яъни, менга ҳужум қилганларга сиз йўл очиб берганингз учун?
— Ҳазиллашаяпсиз деб умид қилсам бўладими? — Каловланди Бернс. — Наҳотки мен ҳужум қилувчиларга йўл очиб берган бўлсам? Бу барча воқеалар сизнинг уларни рад этишингизга мўлжаллаб тўқилган. Стеккерт сизнинг ҳар бир гапингизни қовурилган ёнғоқдек ютиб турди, — шундай дея Бернс аста пишқириб қўйди. — Катта матбуот буни баландпарвоз сўзлар билан таърифлаши ҳеч гап эмас: “Инсонийликнинг олий зуҳури! Мутлақо янги жиҳат! Оҳорланган кўйлак тагидаги жонли, қайноқ қалб!” Кўрдингизми? Палмер деганлари — бу худди менга ўхшаган оддий ва ҳалол йигит! Репортаж “Стар”да пайдо бўлганида ҳамманинг оғзи очилиб қолди.
— Сиз устамонлик билан сувдан қуруқ чиқдингиз, — деди Палмер. — Сизни билган одам бунга қобиллигингизни етти ухлаб тушида кўрмаган бўларди.
— Сиз мени бепичоқ сўйдингиз, — шикоятомуз деди Бернс. — Жинни, қандай бўлганини бунга ўзинг айт.
Виржиния Клэри бош ирғади:
— Ҳа, Бернс тўғри айтяпти, бу интервьюни у ҳақиқатан ҳам шу тариқа ўйлаб қўйганди.
Палмер Гарри Элдерга юзланди:
— Сиз ҳам бир нарса десангиз-чи, худо хайрингизни берсин!
Элдер яна хўрсинди:
— Бу тўғри.
Палмер ҳар учовига синчиклаб назар солди. Кўриб турибсизлар-ку, ахир, уларга хаёлан мурожаат этди у, киши фаолият кўрсатиш, нимадир яратиш, ўз кучини омма фаровонлигига сарф этиш иштиёқида ёнаяпти. Наҳотки кўнгилчан бўлганим учунгина бошқалар ҳар доим мендан ўз мақсадлари йўлида, ўзларининг қанақадир икир-чикир ишлари йўлида фойдаланадилар?
У кўзини ўз столига олди, нима учун у гўё уни чинакамига фақат биргина Виржиния сотгандек ҳис қилишини тушунолмаётганди.


Йигирма олтинчи боб

— Йўқ, — деди Палмер Бернснинг катта-катта қўлбола қадаҳларига коктейлнинг иккинчи улушини тайёрларкан, — то анови ғаддор ливанлик келгунча кутиб туришингизга тўғри келади. Мен насиҳатномани икки бор ўқимоқчи эмасман.
У бурилди-да, қадаҳларни шакли ғайриоддий гилам тўшалган Бернснинг меҳмонхона бўлмасидан кўтариб кетди. Йўл-йўлакай гиламнинг қалин пати унинг ботинкаларини сўраётгандай ҳис қилди. Палмер Виржинияга унинг қадаҳини тутқазди-да, қаршисига чўкди.
— Суҳбатимиз ҳақида битта-яримтанинг билиб қолишини истамайман ва бу уни кабинетига тайинламаганимнинг ягона сабабидир, — давом этди у. — Бошладим дегунча овозим кўтарилиб кетадими деб қўрқаман.
Виржиния ўз қадаҳига тикилиб ўтирарди. Юқоридан тушаётган нур коктейлда, ундан жувоннинг катта-катта қора кўзларида акс этарди. Ўйноқи нурлар ичида у лўли қизларга ҳаддан ташқари ўхшаб кетарди.
— Сизнинг ҳаммадан кўп нимадан жаҳлингиз чиқади? — сўради Виржиния охири. — Умуман, бўлиб ўтган нарсами ёки мен сизни олдиндан огоҳлантирмаган нарсами?
— Мен ҳар икковингизга ғоят...
— Чунки, — давом этди жувон, — ўз мажбуриятларига қанчалик хушламай муносабатда бўлганини жуда яхши биламан. Мак ленчдан кейинроқ “стар”лик анови гуруҳ билан бирга ҳужум қилган заҳоти мен қандай қилиб бўлмасин, сизга қўнғироқ қилишим керак эди.
— Сиз мени тополмадингиз. Мен машинада эдим.
— Мен сизни банк вестибюлида тутиб олган бўлардим, — эътироз билдирди жувон.
Палмер ўзини кулишдан тийиб қолди. У жувоннинг афсус қилганини бирор марта ҳам кўрмаганди. Ўзининг астойдил таъкидлашича, фақат айрим одамларгина бундай илтифотга сазовор этган.
— Тутиб олган бўлардингиз, — қандайдир қуруқ оҳангда деди йигит.
— Лекин олдиндан сиз билан келишиб олмай туриб, Бернс шундай қила олиши менинг хаёлимга келган бўлса, ўлай агар.
— Аслида унга мен ўзим айтган эдим бу ҳақда, — иқрор бўлди йигит.
— Мен ўйлабманки...
— Шундай суҳбат бугун тунда, тўғрироғи, соат иккидан кейин, иккаламиз ҳам бўкиб ичиб олганимизда бўлган эди, — тушунтирди Палмер. — Мен шунчаки Пенемюнде ҳақида эслатган эдим, холос. Энди кўриб турибман, Бернс билан жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилишим керак экан. Битта ортиқча сўз айтиб қўйсам, Нью-Йоркнинг “Стар”и бошида тегирмон тоши юргизар экан.
— Агар у ўз ғоясини сиз билан баҳам кўрмоқчи бўлса, сиз уни бундан қайтариб қолишингиз мумкинлиги ҳақида ўйламаганмисиз? — сўради Виржиния ҳамон коктейлдан кўз узмай, битта-битта ҳўплай бошлаб.
— Ўйлаганман.
— Унда омадингиз бор экан, сиз... — Жувон жимиб қолди ва қадаҳини ўриндиқ ёнидаги столчага қўйиб, Палмерга қаради. Нур тушмаганда унинг кўзлари янада қора ва теран кўринар эди. Гўё жувон уларнинг ҳар икковини иккита ғордан туриб кузатгандай. — Менимча, — деб гапини ўнглаб олди Виржиния, — мен аввал сизлардан сўраб олишим керак эди, хўш, сизнингча “Стар”даги мақоланинг ишга нафи тегадими, йўқми деб. Назаримда, сиз бунга айтарли эътибор бермайсиз.
— Шахсий реклама омонат банклари билан курашда ёрдам беролмайди, уруш вақтида мен Пенемюнеда бўлдими ё Тимбуктудами, нима фарқи бор, лаънатини?
— Бу тимсол яратишга ёрдам беради.
Палмер афтини буруштирди:
— Сал тушунарлироқ қилиб айтсангиз-чи!
— Биз газетчиларнинг ўз лаҳжамиз бўлади, — деди жувон, яна қадаҳни олиб. — Аммо тимсол яратиш — бу барибир ниманидир англатади. Оммада сиз ҳақингизда бир тасаввур пайдо бўлган, яъни жамоадаги сизнинг борлигингизни биладиганлар ичида. Мақола “Стар”да пайдо бўлгандан кейин сиз машҳур бўлиб кетасиз, сиз ҳақингиздаги тасаввур янада муфассал бўлади, муфассаллик эса ижобий бўлади: омилкор, ақлли, иродали, оёғида маҳкам турадиган одам.
— Бундай тимсолни сиз тўғри деб биласизми? — Саволни беришга берди-ю, Палмер уни  қайтариб олиш ва абадий ерга кўмиш мумкин эмаслигини англаб, “аттанг” деб қўйди ичида.
Унинг Виржиния Клэри билан муносабатларида нимадир ўзгарганини ва эҳтимол абадий ўзгарганини у англай бошлаганди. Бу ҳол зиёфатда, улар рақс тушишганида ва кейин, уйга қайтишганида содир бўлганди. Бу ўзгариш, Палмер ҳозир англаганидек, жувонда содир бўлганди.
Орага чўккан бир оз сукунат ичида Виржиниянинг юзига қарашга қўрқиб, Палмер бирдан яққол ва аниқ англадики, улар ҳар доим бир-бирларига қизиқиб келишган. Бу, нафсиламрини айтганда, мутлақо табиий эди, чунки жувон бевосита унинг қўл остида ишлайди. Шу билан бирга улар Шрафтникида зиёфатда бўлган оқшомда Палмер зиёфат охирига келиб Виржиниянинг унга нисбатан қизиқиши совуганини яққол ҳис этганди. Фақат хизмат юзасидан муносабатларгина қолганди, лекин бу жуда илиқ муносабатлар эди. Кечаги тундан кейин бу совуқлик эриб кетди. Энди ўзини ҳеч нимани билмагандай қилиб кўрсатиш қийин. Бу одамларча муносабатлардаги энг ёмон жиҳат, ўйлади у. Бу тахлитдаги манфаатдорликни узоқ вақт менсимаслик ва ишчан вазминликни сақлаб туришнинг имкони йўқ. Илиқ муносабатга жавоб қайтарсанг  бўлганди, ўша заҳоти тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини биласан-қўясан. Масалан, тимсолнинг садоқати ҳақида савол бериш унга шунчалик зарур келганмиди?
— Бу садоқатли тимсол, — ниҳоят Виржиния шунчалик жиддий оҳангда жавоб бердики, Палмер унга қарашга мажбур бўлди. Жувон хиёл ўзини орқага ташлаб ўтирар, кўзлари чуқур ғорлар ичидан уни ортиқ кузатмас эди. Шифтдан тушаётган нур унинг бўртиқ ёноқларини текислагандай эди.
— Бу садоқатли тимсол, — такрорлади жувон, — Вуди-Палмер-кичик исмли мен кўрган одам тимсоли.
— Мистер Палмер телбалик тимсолими?
Жувон бош чайқади:
— Мураккаб мистер Палмернинг тимсоли. — Виржиния хўрсиниб қўйди ва ўз қадаҳидан озгина ичди. — Жуда аччиқ экан, — деди у. Кейин яна ичди. — Жуда яхши виски экан.
— Бўлмаса-чи!
— Биз Макка тўлайдиган пулларни назарда тутганда, — деди жувон, — у ўзига энг яхшисини сотиб олишдан қайтмайди.
Палмер ўрнидан турди.
— У бешу ўттизда келиши керак эди. — Телефон қидириб, Палмер атрофга аланглади, уни топди-да, рақам терди.
— Айтмоқчи, — деди Виржиния, — назаримда, Мак шу марканинг импортчиси бўлади ва ҳойнаҳой, вискини бепул олади.
Палмернинг қулоғига телефончи қизнинг овози чалинди:
— Мистер Бернс ўзидами? — сўради Палмер. — Бу мистер Палмер. — У тинглаб турди, ташаккур билдирди ва гўшакни қўйди. — Коммутатордаги қизлар алдашни дўндиришади деб ўйлагандим.
— У муҳим мажлисга кетган эканми? — тахмин қилди Виржиния.
— Қўнғироқ қилганда телефончи қиз унга менинг телефонограммамни узатади, — гапини тугатди Палмер, — қиз тушмагар қайси телефонограмма эканини билмайди-ку.
— Жуда ҳам узоқ гапмиди?
— Бир неча ҳарф, холос.
Жувон мийиғида кулиб қўйди-да, озгина виски ҳўплади.
— Ўйлашимча, сиз у билан жуда апоқ-чапоқсиз. Сиз билан унинг феълини эътиборга олинадиган бўлса, бу ғоят ноёб ҳодиса.
— Бизнинг ҳамма ишимиз жойида.
— Шунақа денг? Ҳаммаси жойидами?
— Бундан ортиқ қанақаси керак?
У қўлини чўзиб қадаҳни кўтарди ва афтидан, қадаҳга жилмайиб қўйди. Миссисипидан шарққа томон барча шакаргуфторлар ичидан энг айёри сифатида биронта мукофотга арзийсиз. Сиз ҳақингизда ўйлаганимни эшитмаслигингиз учун бирпаснинг ўзида икки марта сувдан қуруқ чиқдингиз-а.
— Тинглашим керакмиди?
— Нега энди “йўқ” экан?
— Нега энди “ҳа”?
— Биринчи бўлиб мен сўрадим. — Жувон яна вискидан ҳўплади. — Гап шундаки, мен табиатан битта айтганида туриб оладиганларданман. Агар эътиборимни тортган нарса баҳоларимга қизиқиш билдирмаса, бу менга худди бензинга ёқилган гугуртдай таъсир қилади. Мен ўз фикрларимни баён этиш истагида ёнаман. Чидаб туролмайман.
Палмер ўз ўриндиғида хижолатомуз қимирлаб қўйди.
— Нима бўлганида ҳам мен жентльменман, сизга жабр қилишим ҳақида ўйлашга ҳам тоқатим йўқ. Барибир бир нарсани билмоқчиман, бу сизга нима учун шунчалик зарур?
— Менинг назаримда, — деди жувон гўё овоз чиқариб ўйлаётгандай, — фикрларингизни баён этишни ёқтирмаслигингиз сабабига ўхшаган сабаб туфайли.
— Нима, мен рад этяпманми?
— Сиз тутқич бермаяпсиз.
— Бу қайсидир маънода тўғри ҳам.
— Ҳар бир одамга менинг унга нисбатан муносабатим мутлақо аёнлигини маълум қилмагунимча оёқ-қўлим боғлиқдай сезавераман.
— Ҳар бир одамга?
— Менинг учун аҳамиятга молик бўлган ҳар бир одамга.
Палмер бош ирғаб қўйди-да, вискидан оғзини тўлдириб ҳўплади. Бир сониядан сўнг жувоннинг сўзларида пайдо бўлган ғалати бош айланишини йўқотишга муваффақ бўлди. Пировардида, деди у ўзича, кўплар унинг учун  аҳамиятга молик. Мен, масалан, унинг бошлиғиман. Бунда ҳеч қандай айтарли гап йўқ.
У яна бир қултум ютди, қадаҳни қўйди ва балконга очилувчи эшик томон яқинлашди. Балкон шу бинодаги барча балконлар сингари бинога қиялатиб қурилган эди, уларнинг ҳар биридан дарё манзараси кўриниб туриши учун шундай қилинганди. Палмер бу оқшом тез қорайиб кетаётган сувга қаради, унда Куинсборо кўпригининг чироқлари бамисоли абадият қаърига кириб кетаётгандек жимир-жимир акс этиб турарди. Орқадан муз парчасининг шишага урилган овози чалинди. Бир сония ўтиб, Палмер жувоннинг қадаҳни қўйганини эшитди. Мана, жувон дераза олдида у билан ёнма-ён.
— Бу манзарани янада гўзалроқ қилса бўлади, — деди Виржиния.
— Қандай қилиб?
— Ҳозир кўрсатаман.
Жувон нари кетди ва бир лаҳзадан сўнг хона чироғи ўчди, жувон эса дераза ёнида у билан ёнма-ён турарди.
— Чироқ ёруғи халақит бермаганда кўринг, — деди жувон, — ҳамма нарса ёрқинроқ бўлди. Бир пасдан кейин сўнгги қуёш нури ҳам сўнади ва осмонда фақат кечки шафақ қолади. Агар омадимиз чопса, дарёда кемани ҳам кўрамиз. Ҳақиқий кемани, юкчи ёки шатакчи кемани эмас. Агар ҳаво сал илиқ бўлганида биз уларни балконнинг ўзидан томоша қилган бўлардик.
Ўзининг азалий кунжковлик одати бўйича (дарвоқе унинг яхши банкир бўлиб етишувига шу ёрдам берган эди) Палмер шундай фикрга келди: Мак Бернс деразасидан кўринувчи бу манзарани у қаёқдан бу қадар яхши билади? Ўзи ҳам кутмаган ҳолда қуйидаги саволни берганини эшитди:
— Бу ерда олдин кўп бўлганмисиз?
— Кўп эмас. Бир гал бўлган эдим.
— ЮБТКга ишга киришингизга қадар Бернсни шахсан биларсиз деб хаёлимга келтирмагандим.
— Билардим. Кўплаб газетчилар билади уни.
— Ишонсам бўлади.
— У бу ерда Вик Калхэйн учун шахсий йўриқлари йиғинларини ўтказади. Бу анъанага айланиб қолган. Барча йиғилишлар норасмий бўлиб, ҳеч қаерда эълон қилинмайди.
— Тушунаман.
Палмерга қараб олиш учун жувон унга томон ўгирилди.
— Тушунасиз?
— Албатта.
— Ўз-ўзидан маълум, — давом этди жувон Палмернинг охиригача айтилмаган саволига жавоб қайтараркан, — бундай ҳолларда мен дарёдан узоқ завқ ололмас эдим. Лекин менинг уч-тўрт дўстларим уйларининг деразалари дарёга қараган. Бунинг устига мен ўзим ҳам атиги бир маҳалла нарида тураман. Кечқурунлари бу ерда айланиш ёқимли. Бу манзарадан мен йил бўйи завқ оламан.
— Бу... ҳа-ҳа... яхши.
— Қизиқ, — бирдан деди жувон, — мен кўпинча тушунмайман — сиз менинг жавобимдан қониқасизми ёки ўлгудай зерикарлими сизга. Бу қанақа чеҳра!
— Сокин ва тошдай.
— Банкирга... ёки ўйинчига хос олий даражадаги чеҳра.
Палмер бош ирғади. Сўнг сўради:
— Э худойим, Бернс қаерда ўзи?
— У ҳозир келиб қолади.
— Ҳо-о... ҳали бу томошани бирга тузганмиз денг? — сўради Палмер. — Ранг-баранг манзара, босснинг томоғини мойлаб, ҳайфсанни юмшатиш мақсадида аччиқ ичимликми?
— Ичимликларни сиз тайёрлагандек бўлиб кўринди менга.
— Ҳа, тўғри. Эсимдан чиқибди.
— Менинг тағин ичгим бор. Сизга ҳам зарар қилмас, балки.
Палмер бар томонга йўл олди. Кўчадан тушиб турган ғира-шира ёруғликда зўрға нарсаларни ажратолди.
У аниқлик киритди:
— Менга ортиқ керак эмас, лекин шундай бўлса-да, яна ичаман.
— Хонимнинг бир ўзи ичишига жаноб йўл қўймагани учун.
— Мен жаноб ва сиз хоним бўлмаганингиз учун, — деди Палмер, янги коктейл тайёрлар экан. — Мен банкирман, сиз эса жамоатчилик билан муносабатлар бўйича менинг ёрдамчимсиз. — У жувонга қадаҳни тутди-да, телефон томонга кетди. — Худо хайрингизни берсин, чироқни ёқиб қўйинг. Мен дискни мутлақо кўрмаяпман.
— Макка яна бир телефонограмма юборишга ҳозирланаяпсизми?
— Йўқ, — у гўшакни жойига қўйди, — ҳарҳолда, йўқ. — Палмер дераза олдига қайтиб келди. — Қаранг, кема! — деди у.
— Бу нима, юкчи кемами? Қаранг, жуда баҳайбат-ку!
Телефон жиринглади. Виржиния дарҳол гўшакни олди.
— Мистер Бернснинг квартираси, — деди жувон. — Ҳой пасткаш нусха, қаёққа тушиб қолдинг?
— Менга беринг-чи, — илтимос қилди Палмер. Жувон унинг кўксига қўлини қўйиб, уни тўхтатиб қолди. — Уолдорфда? Мак, бу қанақаси? Сен бу ерда бир соат олдин бўлишинг керак эди-ку? — Қулоқ солиб тураркан, жувон қўлини Палмер пиджагининг жиягига текизди-да, бир нимани қоқиб ташлади.
— Тўққиз яримда! —  деди Виржиния. — Хўш, сенингча биз бу ерда нима қилишимиз керак унгача? Ўтириб олиб, банк ишларини муҳокама қилайликми?
— Гўшакни беринг, — деди Палмер.
Жувон бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади.
— Менинг ҳам одамлардай жаҳлим чиқса керакдир, — деди у гўшакка, — гарчи бу мистер Палмер ғазабига нисбатан ҳеч нима бўлмаса ҳам. — Унинг қўли Палмер кўксини юмшоқ босиб турарди. — Бу қанақа бемаънилик, — деди жувон гўшакка. — Биз аста уйга жўнаворамиз. Лекин у сенинг эртага эрталаб тўққизда ҳузурида бўлишингни талаб этаяпти, ҳатто унинг ҳузурида ўз вақтида бўлишинг учун ётиб ухлашингга тўғри келмаса ҳам.
Палмер унинг қўлидан тутиб, ўзидан нарилатди ва уни Виржиниянинг сони ёнида тутганча телефонга узалди.
— Бир дақиқа, — у сен билан гаплашмоқчи, — деди Виржиния.
— Нега ҳаяллаб қолдинг? — сўради Палмер бор кучи билан ўзини ушлаб.
— Вуди, азизим, — гап бошлади Бернс йиғлоқи оҳангда. — Кўкрагим ости шунақанги зирқираяптики, нима қилишимни билмайман. Бу ерда уч нафар йигит турибди, менинг энг муҳим савдом шуларга боғлиқ. Айрим энг муҳим нархларнинг ўзгариши хусусидаги масала бўйича виждонан мутлақо ёпиқ мажлис ўтказаяпмиз. Сизларга қўнғироқ қилгани бошқа хонага чиқишга мажбур бўлдим. Рост, Вуди, мен кечи билан 9.30 да келаман.
— Менга эртага 9 да келсанг бўлгани, — совуқ оҳангда деди Палмер. — Ўшанда гаплашамиз. (Виржинияга) Менга тушунтириб берасиз, “Юнайтед бэнк” ишидан кўра қайси битим муҳим? — У гўшакни илгакка аста солиб қўйди.
— Телефон симида 200 нулдан қуйи, — бидирлади Виржиния.
— Жин урсин уни! Аммо ҳамма гап шундаки, мен унга ишонмайман. Шу нимага керак экан-а?
— Чунки Мак алдамаса туролмайди. Ҳозир балки алдаётгани йўқдир. Аммо шубҳаланиб тўғри қиласиз.
Улар ўйга толганча бирпас туриб қолишди. Бирдан Палмер жувонни қўлидан тутиб турганини пайқади. У бармоқларини ёймоқчи бўлган эди, бироқ ҳаракати ҳаддан ташқари аниқлигидан қўрқиб кетди.
— Майли, — унинг қулоғига кирди, — қўлимни қўйиб юбораверинг.
— Нима?
Йигитни қуюқлашиб келаётган қоронғиликда яхшироқ кўриш учун Виржиния ўгирилиб олди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди у дераза томонга одим ташлаб ва шу билан бирга қўлини бўшатиб. — Ҳечқиси йўқ.
Палмер оқшом осмони узра жувон қиёфасининг хира шаклини кузатарди. Заиф нурдан жимир-жимир қилиб турган оқшом кўлкаси Виржинияни унинг ёнида турганидагидан кўра баландроқ қилиб кўрсатарди. Йигит унинг ёнига борди.
— Сиз бир нарсани билиб қўйганингиз яхши, — деди Палмер жувонга эмас, балки деразага қараб, — чикаголикларга дунёвий сайқаллик етишмайди.
— Менинг назаримда, уларда кўп нарса етишмайди.
— Масалан?...
Палмер унинг босиқ хўрсинганини эшитди.
— Юрак, — охири деди жувон.
— Бизларга қанча буюрган бўлса, шунча берилган.
— Ундан ортиқ эмас. Лекин сизларнинг баъзингиз, афтидан, шуни ҳам ҳис этмайсиз.
— Менинг Бернс билан совуқ муомала қилганим учун шундай дедингизми?
— Зинҳор йўқ. — Жувон олдинга эгилди, унинг дўнг пешонаси дераза ойнасига тиралди. — Баъзида ўйлаб қоламан, Нью-Йоркда муваффақият қозониш учун сизлар шундай бўлишингиз керакдир ҳам.
— Энди мен мутлақо ҳеч нарса тушунмаяпман.
— Дарёга бир қаранг, — деди жувон. — Бир зайлда ялтираб туради. Қоп-қора, тез, яширин оқимлар, ғаюр сувости тошлари ва улар оралиғидаги номаълум илонизи йўллар. Ҳар замон-ҳар замонда менга шундай туюладики, фақат муздек зирҳли юракка эга бўлибгина бу шаҳарда омадли бўла оласизлар.
— Менинг ўз рентген сувратларини кўрмаганимга анча бўлди, бироқ...
Иккови анчагача жим қолди.
— Аммо мен кўриб турибман, — охири деди жувон. — Ичингизда турли одамларнинг қандайдир қоришмаси бор. Қўшалоқ кўргазма буюмига ўхшаш бир нима келиб чиқади. У ерда қайноқ одам ва муздек одам бор.
— Ҳар кимда шунақа.
— Ростданми?
— Менимча, ҳа. — Палмер хиёл у томонга бурилди ва жувоннинг уни зимдан кузатаётганини кўриб ажабланди.
— Қайноқ одам сени мусибатга гирифтор қилади. Совуқ одам ундан чиқиб олишга ёрдам беради.
— Мусибатга?
Йигит ноаниқ қўл силкитиб қўйди:
— Асоратлар. Зиддиятлар. Қийинчиликлар.
— Бу мусибат эмас, — юмшоқ оҳангда эътироз билдирди жавон, — бу шунчаки ҳаёт.
— Борди-ю, сиз ҳам бўлсангиз, унда ҳаёт — минг карра ифлос нарса.
— Шундоқ ҳам.
— Тартибсиз ҳаёт, —  қўшиб қўйди Палмер.
— Жуда.
— Ғоятда мунгли.
— Ҳар доим.
— Ишонгим келмайди, — деди йигит. — Бу... бу... — У яна ноаниқлик билан қўл силкиб қўйди ва қоронғида жувоннинг қўлига тегиб кетганини сезди. Сўнг жувоннинг бармоқлари унинг қўлидан тутганини ҳис этди.
— Саросимага солиб қўювчи ҳаёт, — деди йигит.
“Қўлини тутиб турсаммикан ё қўйиб юборсаммикан? Худди қайноқ картошкадай бирдан қўйиб юборайми ё аста-секинми? Ҳалиги иккаласи хусусида миямга ҳеч нарса келмаяпти, аммо энг қизиғи шундаки, бу ерда ақл бир пул”, — ўйлади Палмер.
— Бунга ҳам ишониш қийин, — деди у овозини чиқариб.
— Сиз осонликча қизишмайсиз, шундай эмасми?
— Ҳеч қачон қизишиб кетмайман, — жувоннинг гапини тўғрилади йигит.
— Наҳотки ҳеч қачон қизишмасангиз?
Палмер аста кулиб қуйди:
— Мен шундай нарса бошимдан кечган камдан-кам ҳолларда жуда афсус қиламан.
— Бу энди даҳшат.
Ҳатто қоронғиликдан ҳам у жувоннинг бурилганини ва унинг юзига тик боқиб турганини кўрди. Дераза ортидаги кўприк чироқлари унинг кўзларида майда учқунлар ёқди.
— Эҳтимол. Аммо бу ҳақиқат.
— Бундай ҳалокатли эътирофни мен умримда эшитмаганман.
— Мени умуман ҳар қандай вақтда қувноқ деб аташ қийин. Ҳозир эса, эҳтимол, ўзимни энг ёмон ҳис қилиб турган вақтим бўлса керак. Устимда кимдир турганини ҳечам ёқтирмайман, айниқса Мак Бернсни.
— Нимани ёқтирасиз, хўш? — Кутилмаганда сўради жувон.
— Тинчлик ва хотиржамликни. Тартибни.
Жувон бош ирғади: “Қандай зўр, қабрда тинч ва осуда, аммо унда ким сенга очади оғуш?”  — ўзича иқтибос келтирди у.
Палмер хўрсиниб қўйди.
— Бугун кун бўйи муҳрлар билан жонимни суғуриб олишганди. Энди сиз Марвелдан иқтибос келтираяпсиз.
— Мен учун бу ҳеч қачон муҳр бўлмаганди. — Унга жувоннинг одатдаги паст овози яна пастроқ эшитилгандай бўлди ва у ўзининг шафқатсиз бўлиб кетганини англади.
— Мен истамагандим...
— Биламан, — тасалли берди унга жувон. —  Бироқ Марвел нимани назарда тутган бўлса, мен айнан шундай деб ўйлагандим, — Жувон чуқур хўрсинди. — Мен буни ўзимга эмас, сизга насиҳат тарзда иқтибос келтиргандим.
У жувоннинг қўли хиёл титраганини сезди.
— Лекин менинг ишим насиҳатлар ўқиш. Ғоя бўйича мен уларга қулоқ солишим керак, шундай эмасми?
— Эртага. Соат тўққизда. — Йигит унинг қўлини аста сиқиб қўйди. — Сиз у ерда ҳусн бўлиб турасиз. Мен ҳақиқатан ҳам насиҳат ўқийдиган бўлсам, бу Бернсга ўқиганим бўлади.
— Раҳмат. — Жувон бир дақиқа тараддудланди. — Сиз одамлар билан муомалада шунақа ҳар доим расмиятчимисиз? Худди шахмат тахтачасидаги ҳар бир юришни биладиган биринчи даражали шахматчидай.
— Ҳар доим эмас.
— Қизишиб кетишдан ўзимизни тия олганингиздами? — сўради жувон, жўрттага ғашига тегмоқчидай.
Йигит деярли унинг қўлини ўзидан итариб ташлади.
— Бўлди, — кескин оҳангда деди у. — Сиз ўзингизни аёллик жозибангиздан фойдаланишга ҳаракат қилаяпсиз.
— Ҳа.
— Бир неча дақиқадан буён.
— Кечирасиз. — Жувон ундан ўзини четга тортди. — Кеч бўлди. Уй-уйимизга борайлик.
Хона ичи қоронғи эди, дераза ортидаги шаҳар эса жуда узоқ кўринарди. Йигитни ёлғизликнинг аччиқ туйғуси қамраб олди. Жувон унинг фақат қўлидан ушлаб турган эди, бироқ ўзини тортгач, ўзини мутлақо ташландиқ ҳис этди. Энди бўлса улар кетишаяпти.
— Йўқ, — деди йигит. — Кечиринг мени. Буни совуқ одам айтган эди.
Жувон киприк қоқмай, жойидан қимир этмай турарди.
— Қайноқ одам нима дейди бўлмаса?
— У... — Палмер томоғи ғалати тарзда бўғилганини ҳис этди. — У... — У йўталди, бироқ томоғидаги аччиқ нарса кетмади. — У ҳе-ҳеч нима демайди, — қулоғига чалинди унинг ва ўз овозини базўр таниди. У машаққат билан тутилиб айтган бу сўзлар назарида унинг томоғини янада қаттиқроқ бўғди. У бир лаҳзада кўзини юмди-да, фикрини жамлаб олди. — У ҳеч нима демайди. — Зўрға такрорлади у.
— Ҳеч қачонми?
— Афтидан, у... — Палмер жимиб қолди ва оғир хўрсинди. Томоғидаги зўриқиш  гўё ўпкасига ҳам ёйилгандай бўлди: у қийинчилик билан керакли ҳавони юта олди. У аста кўзини очди, худди ўзини ростлаб олмоқчидай қаддини тиклади, яна бир марта ютоқиб нафас олди-да, тез қўшиб қўйди:
— Аф-афтидан у ў-ўлган.
— Ҳо-о!
— Анча олдин, — сўзини тугатди Палмер. Сўзлар унинг оғзидан қийинчилик билан, худди инграгандай чиқди. Томоғига яна бир нарса келиб тиқилишини сезиб, Палмер шоша-пиша жувонга интилди. У жувоннинг қўлларидан тутди ва муздек бармоқлари унинг иссиқ баданини ҳис этди. Палмер уни ўзи томон тортди ва атирнинг заиф дудли ҳиди бамисоли уни ютиб юборди. Жувоннинг юмшоқ лаблари хиёл очилди ва йигит вискининг куйинди ҳидини туйди. Жувоннинг қўллари унинг ён-веридан чирмаб олди. Палмер аввалига аста-секин, кейин эса тобора тезроқ ғарқ бўла бошлади.


Йигирма еттинчи боб

Мак Бернс, афтидан, шойи чойшабда ухлар экан — воқеликнинг биринчи тетик ва аниқ сезгисини Палмер мана шу ажабтовур кайфият билан туйди. У бир ёнига ёнбошлади-да, чойшабга қаради. Қоронғида унинг жойими ёки йўқлигини аниқлаш қийин эди. Чап томондан ётоқхона бўлмасининг деразасига заиф ёғду тушиб турарди. Ёғду манбаи йўлнинг нариги ёғидаги бир неча қават пастдаги квартирада эди ва шу боис ёғду унинг боши узра шифтда тўртбурчак шаклда кўринарди. Палмер чойшабни силаб қўйди, бармоқлари остида асл матони сезди, сўнг хўрсинди-да, яна ўзини чалқанча ташлади. Унинг боши ғижимланган ёстиқда. У ўз баданига қаради. Мана, кўп йилдирки, Палмер бўш вақтида унга разм солмайди ва ҳозир оёқларим ҳаддан ташқари ингичка деган хулосага келди. Тўғрироғи, агар холисона айтадиган бўлса, у умуман кейинги вақтда тўлишди, оёқлари эса ёшлигида қандай бўлса, ўшандайлигича қолаверди, — ортиқ қиёфасига мос келмай қўйди. Палмер қорнига, тўқ-малларанг тукларига, оёқларига қаради, оёқ бармоқларини аста қисирлатиб қўйди. Жин урсин ўша Бернсни! Ахир шойи чойшабдан бунақа шарқона ҳашамга ўрганса бўларкан-ку.
Жувоннинг оёқлари кўринмасди. У Палмердан ўнгда қорни билан юзтубан ётар ва бир текис нафас оларди, унинг ухлаётганига Палмер амин эди. Ғира-шира ёғдуда унинг иккала думбаси худди оқ-пуштиранг ширинлик пахтадай дўмпайиб турар, шунақаси белига ўтиб кетар эди. Унинг нигоҳи юқорига ўрмалаган сари дўнгликлар оралиғидаги ботиқлик саёзлашиб борарди. Белдан юқорида дарё ўзанига ўхшаш яна бир пастқамлик пайдо бўлди ва елка мушакларига етмагунча чуқурлашиб бораверди, у ерда юқорига қараб кетувчи яна бир сойлик бўлиб, у тўзиб ётган жингалак сочлар тагига кириб кетарди.
Палмер тирсагига суянди-да, Виржинияга бошқа бурчакдан қараш учун кенг кўрпага ўтириб олди.
— М-м-м, — минғирлади жувон бошини кўтармасдан. — Соат неча бўлди?
Палмер қўлига қаради ва соатини олиб қўйганини кўриб, ҳайрон бўлди. Бернс каравоти ёнида турган сафар будилнигининг циферблатига тикилиб қаради.
— Саккиз ярим, — жавоб берди у. Унинг овози гўё узоқ танаффусдан сўнг тўсатдан бор кучи билан юргизиб юборилган эски ускунага ўхшаб ғоят бўғиқ ва титроқ чиқди. Жувон хўрсинди ва бошини буриб, унга қаради. — У ярим соатда шу ерда бўлади.
— Ҳм.
— Жин урсин! — Жувон қўлини чўзди ва кафти билан унинг кўксини артди. Палмер тукларининг енгил шитирини эшитди.
— Ҳа, топдим, — деди жувон, энди бутунлай уйғониб.
У Палмерга кўндаланг ётиб олди-да, каравот ёнида турган телефон гўшагига чўзилди. Унинг сийналари Палмернинг кўкси устидан аста сирғалиб ўтди. Жувон гўшакни олди.
— Элдорадо 5-3110 ни тер.
Рақамни терар экан, йигит Виржиниянинг гўшакни унинг қулоғига қўйганини, ўзи эса бошини унинг бошига ёпиштириб олганини сезди. Гўшак икковининг ўртасида бўлиб қолди. — Уолдорф Тауэрс, — телефончи қизнинг овозини эшитди Палмер.
— Мистер...м-м... мистер Кармоди, — илтимос қилди Виржиния.
Бироз жимликдан кейин телефончи қиз жавоб берди:
— Мистер Кармоди бир ойга бир жойга кетган.
— Унда менга... м-м... мистер Дрешларни беринг.
— Бир дақиқа.
Гўшакни олгунларича талай вақт ўтди.
— Ҳа, — эркак кишининг овози келди.
— Мистер Бернс шу ердами?
— Билмадим, ким сўраяпти?
— “Юнайтед бэнк”дан мисс Клэри.
— Бирпас сабр қилинг.
Улар ёнма-ён ётганча кута бошлашди. То Бернснинг овозини эшитгунларича яна анча вақт ўтди.
— Панжа, мени бу ердан қандай қилиб топдинг?
— Сен ҳали ҳам Уолдорфда экансан-ку. Уйга 9.30 да келаман деб лақиллатишингга бало бормиди?
— Сизлар ҳали ҳам ўша ердамисизлар?
— Мен бир соатдан бери уйдаман, энди бутун оқшомга чиқиб кетаяпман. Фақат одамни аҳмоқ қилганингни дўстона айтиб қўйгани телефон қилаётувдим, холос.
— Палмернинг роса жаҳли чиққандир-а?
— Муздай совуқ. Унинг қўли теккан нарса музга айланиб қолаяпти. Эртасига эрталаб унинг олдига келганингда иссиқ пальто кийиб ол.
— Шу қадар совуқми?
— Сибир. — Жувоннинг қўли Палмернинг кўкраги бўйлаб пастга ҳаракат қилди ва киндиккача етди.
— Ўлгудай совуқ нусха. — У Палмернинг қорнини сийпалай бошлади.
— Ҳеч иложини тополмадим, изладим, — ўзини оқлади Бернс. — Бунинг устига мен унга керак бўлганимдан у менга кўпроқ керак.
— Сен ноҳақсан. Унинг ўзи қойил қилади. — Жувон Палмернинг қорнини босди, бироқ эркак оғриқни сезгунича қўйиб юборди. — Нима бўлганда ҳам келаси сафар бутун тунни бошқа мижоз билан ўтказишдан олдин икки марта ўйлаб ол.
— Ким ўтказар экан бутун тунни?
— Сен. Палмер сени кутмай қўйгандан кейин.
— Тўғрисини айтсам, мен барибир 9.30 га улгурмас эдим. Унинг учрашувни бекор қилганидан боши осмонга етди. Биз бу ерда соат 6 дан бери ўтирибмиз ва энди ишнинг ярмини қилолдик.
— Менга сенинг пулларинг бўлса бўлгани, Мак.
— Менга сенинг жамолинг бўлса бўлгани, қизалоқ.
— Ўзингга ўзинг хизмат кўрсатавер, — деди жувон. — Эртага вақтида келгин-да, ноҳақлигингни бўйнингга ол. Бу ҳаммамизнинг аҳволимиз енгиллашувига анча ёрдам беради.
— Сен дўстим, дўстгинам.
— Яхши, кўришгунча.
Виржиния гўшакни энди жойига қўймоқчи бўлганида Бернснинг заиф овози эшитилди.
— Ҳа, Мак?
— Икковингиз менинг квартирамда вақтни қандай ўтказдингиз деб сўраяпман.
Виржиния бармоғи билан Палмернинг чап кўкрагига босди. — Мен сенга унинг аниқ таърифини бердим, — жавоб берди жувон. — Сибир.
— Жуда ёмон.
— Кимга?
— Кимга бўларди? — Бернс кулди. — Палмер мўмайгина луқмани бой берди, панжа.
— Бу ҳақда сен нимани ҳам билардинг, каллаварам?
— Ақлим етади. Эртага роса тўққизда кўришгунча.
— Хайр.
Жувон Палмернинг устидан чўзилиб, гўшакни жойига қўйди. Юзлари юзларига тўғри келганда эса Виржиния унинг пастки лабидан аста тишлаб қўйди.
— Ихтиёримизда энди яна кўп вақт бор, — шивирлади жувон. — У нима деганини эшитдингми?
Палмер бош ирғади:
— Бунақа суҳбатларда қачон иштирок этишимга тўғри келганини эслай олмайман.
— Бунда айтарлик ҳеч гап бўлгани йўқ, — унга қўшилди Виржиния. Бўсалардан унинг овози ярмигача бўғилиб қолди. Жувон ўтириб олди-да, унга диққат билан разм солди.
— Чарчаганга ўхшайсан.
— Аммо бахтлиман.
— Аммо чарчагансан.
— Қўйсанг-чи, — жавоб берди йигит. — Жудаям ишдан чиқиб қолган даражада эмасдирман. Лекин мен махсус машқдан ўтмаган эдим.
— Борди-ю, мени уялтириб қўйишга ҳаракат қилганингда ҳам барибир ҳеч нарса чиқмайди.
— Аёллар — бошқа гап.
— Сен кузатувчансан. — Жувон қўлини унинг бадани бўйлаб юргизди. — Ҳа, бутунлай қўлидан иш келмайдиган даражадасан деб бўлмайди. — Унинг қўли қулоққача етди. — Мана шу ерда энг яхши жойлар бошланади.
— Ҳаммаси яхши овқатланишдан.
Қўл оҳиста пастга ҳаракат қилди.
— Олий нав, — деди Виржиния бир сония ўтгач. Бирмунча вақт улар жимиб қолишди. Жувон қўлини олди ва унинг томонидаги каравот ёнида турган столчада ётган сигареталарга чўзилди.
— Берайми?
— Бер.
Жувон ҳар иккала сигаретани тутатди, ўзиникидан тутунни ичига тортди ва уни шифтдаги тўртбурчак ёғдуга қараб пуфлади.
— Мен ҳеч бир одам кўзи билан кўролмайдиган нарсани кўра оламан, — деди жувон.
Палмер бор бўйича каравотга чўзилиб, қулайроқ ётиб олди. У оёқларида енгил, ёқимли оғриқ ва қорин мушакларида чарчоқ ҳис этди.
— Айтиб бер-чи.
— Бу сен учун бутунлай янгилик эканини кўриб турибман.
— “Бу” деганингни тўлароқ таърифлаб бера оласанми?
— Бу... вазият. Бу... муносабатлар.
— Янгилик эмас, — жавоб берди Палмер. — Ғайриодатий.
— Қанақасига ғайриодатий бўларкан? Қачондан буён?
— Ахир сен ғойибдан кўрувчисан-ку, — эслатди Палмер.
— Афсун зарралари хиралашган. Аммо шакл яққолроқ кўринаяпти. Сана ҳали жуда ҳам хира. Аммо бу уйланишдан анча олдин рўй берган.
Йигит тескари ўгирилди-да, соатнинг яшилтоб рақамларига қаради. Сўнг кўзларини юмди.
— Кечир мени.
— Нима учун?
— Сенинг ҳафсалангни пир қилганим учун.
— Қайдан билдинг?
— Ўзим билмайман, — ғамгин хўрсинди жувон ва сигаретани ўчирди. — Бундай нарсаларда мен унча кучли эмасман, — деди у. — На тажрибам бор, на машқим. — У чўзилиб сигаретани олди ва калта тортиб қўйди.
— Менинг тилим аччиқ ва тик ҳолатда топқирман, аммо тўшакда зарур чаққонликка эришмоқ учун бу билан кўп шуғулланмаганман.
— Ана холос, — деди йигит унга қараш учун бурилиб ётаркан, — бизнинг уятли сирларимиз энди хатга тушган.
— Қанақа уятли сирларимиз?
— Қанақа дейсанми? Бу менинг биринчи хиёнатим, бу ушбу масалаларда сенинг ҳам йирик мутахассис эмаслигинг.
Жувон лабини буриб қўйди-да, унга сигаретани қайтарди.
— Сиз банкирлар доим якун ясашга шошасизлар.
— Албатта.
— Лекин биз икковимиз ўз вазифамизни аъло даражада бажарганимизга иқрор бўлишинг керак, — ўйчан деди жувон. — Энди-чи? — У жим қолди ва ниманидир ўйлаб, қошини чимирди.
Палмер тутунни оёғига пуфлади.
— Мен ҳали ҳам нутқ қилиш иштиёқидаман, — деди у. — Бунинг учун сўз тополмайман, аммо кўнглимдагини айтиш зарурлигини ҳис этиб турибман.
— Қанақа нутқ экан?
— Бўлиб ўтган гаплар ҳақида.
— Менга нутқнинг ҳожати йўқ.
— Лекин менга ҳожати бор, — сўзида туриб олди Палмер. — Сен кутиб тура оласанми?
— Истаганингча.
— Яхши. — У сигаретани ўчирди ва чалқанча ётганча пастга сурилди, унинг боши матрасга тушиб қолди.
— Илтимос, ухлаб қолма, — деди жувон.
— Ухламайман.
— Ҳозир ухлаб қоладиганга ўхшаяпсан. Ҳозир шунақа бўшанг, ялқов ва ландовурсанки.
— Мен эмас, менинг энг яхши бўлагим.
— Ўлгудай кулгили!
— Мен ўйлаяпман ва у тап-тайёр бўлади, —ишонтирди у жувонни.
— Тарки одат — амри маҳол, — Виржиния уни кузатиш учун бир ёнига бурилди. — Сен ўйламаяпсан, — деди у, — қийналаяпсан.
— Унчалик эмас.
— Гуноҳкорлик ҳисси яширин сенда.
— Ҳали пайдо бўлгани йўқ.
— Ҳозир пайдо бўлади.
— Шунақага ўхшайди, — унинг фикрига қўшилди Палмер. — Бу ҳар доим шунақа бўладими?
— Ҳа.
— Нега сен ўзингни гуноҳкор деб билишинг керак экан? — сўради Палмер.
— Бунга сабаб кўп.
У жувонга қаради ва ҳаддан ташқари ичкари ётганидан Виржиниянинг боши унинг бошидан баланд бўлиб қолибди. У жувоннинг бир кўтарилиб, бир тушаётган сийнасига қаради. Жигарранг-пушти тусли маммачалари билинар-билинмас титради. У аста қўлини чўзди ва маммачалардан бирини ушлади. Маммача шишиб, унинг қўлига қадалди.
— Биз ҳар доим хаёл суришни кейинга ташлаб қўяверсак бўлади, — деди жувон.
Йигит кескин ҳаракат билан кафтини унинг сийналарига босди ва уларнинг ёқимли илиғини аввал кафтларида, сўнг бармоқларида ҳис этди. Жувон унга томон сурилди.
— Совуқ одам ўлган, иссиқ одам эмас, — эркакнинг қулоғига шивирлади у.
Палмернинг қўллари жувон бадани бўйлаб сирғалди ва оғзи билан ютоқиб нафас олди, сўнг у яна жувон баданининг ҳузурбахш уммонига ғарқ бўла бошлади.


Йигирма саккизинчи боб

Палмер уйғонганида соатнинг ялтироқ миллари 9.30 ни кўрсатиб турарди. У Виржинияни ушламоқчи бўлиб ўгирилди, бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди.
Тўшакда ўтириб олиб, у қоп-қоронғи хонага кўз югуртирди. Шу пайт уйнинг аллақаеридан душнинг очилган овози қулоғига чалинди; бир дақиқадан кейин сурилма эшик қаттиқ шарақлади; шарақлаган овозига қараганда, бу душхона эшиги эди. У оёқларини каравот қиррасидан ошириб отди-да, ўрнидан турди. Бироқ ўша заҳоти яна ўтириб олди.
Мийиғида кулиб, у яна кўтарила бошлади, бу сафар анча секин, сон ва елка мушакларини енгил, узоқ оғриқ қамраб олганини ҳис қилиб турарди. Иштонини қидириб, у у ёқ-бу ёққа қаради, қараса у қора комбинацияси ичида экан, кийиб олди. Сўнг оёқ яланг меҳмонхона бўлмасидан юриб ўтди-да, ҳаммомхонани қидириб топиб, эшикни чертди.
— Яхши ҳолатдамисан?
— Ҳар доимгидай.
Палмер эшикни очди ва артинаётган жувоннинг баданига маҳлиё бўлганча тўхтади. Ётоқхона бўлмасидан тушиб турган ғира-шира ёруғда у ғоятда нафис ва юмшоқ кўринарди — равон қадди-қомат, мафтункор сийна ва сонлар. Бу ердаги кундуз чироқлари ёғдусида жувоннинг ингичка қобирға излари, елка ва болдир мушаклари алоҳида нафосат ила кўзга ташланарди.
— Нигоҳингни шиша ичига яшириб қўймоқчи эдим, — деди жувон бир лаҳза артинишдан тўхтаб. — Мен бу шишани менга маънавий кўмак керак бўлган ҳоллардагина очишни истар эдим.
— Менинг кўнглимда ҳеч қандай маънавийлик йўк.
— Ҳамма гап шунда. — Жувон оёқларини артиб бўлди-да, қаддини ростлади. — Сўрагани бироз кеч қолдим-у, — давом этди у, — аммо мен сенга ёқаман, шекилли.
— Ҳа.
Жувоннинг кўзлари катта-катта очилди:
— Тап тортмай айтаяпсанми?
Палмер хўмрайди:
— Заҳархандаликни қўй. Бусиз ҳам бугун сен менга жуда кўп нарса қилдинг.
Гўё йигитнинг гапларини яхшилаб эшитиб олмоқчидай жувон бошини хиёл эгди.
— Мен эса сени доим мен учун қиласан деб ўйлаб юрардим.
— Ҳа, биласанми, — гап бошлади Палмер, — сенинг ҳаётингда дастлабки қулай пайт топилди дегунча ўзини оёғингга ташлашга тайёр ўн-ўн бештаси учраса эҳтимол...
— Мен ҳақимда шунча нарсани қаёқдан биласан? — Унинг гапини бўлди жувон, — ҳаётимда ўн-ўн бештаси учрашини?
— Мен билмайман, аммо сен ажойибсан.
— Раҳмат. — Жувон ойнага ўгирилди ва бармоқлари билан сочларини савалай бошлади. Ойнада уларнинг кўзлари тўқнашди. — Мен сени ҳайратга солмоқчиман, — деди жувон.
— Янами?
— Биласанми, — давом этди Виржиния, — мен... сени нима деб чақирай? Ишда ўзим биламан, лекин бу ерда-чи?
— Узоқ вақтгача мени Палмер-кичик деб келишди, — жавоб берди Палмер. — Ҳеч қачон бундай қилишга уринма.
— Кўрдингми... Вудс, — деди жувон. — Вудими?
— Қани, қани. Бир қийнал-чи.
Жувон ўгирилди-да, унга жилмайиб қаради.
— Вудс, мен сенга ҳайратомуз эътироф қилмоқчиман. Нима бўлганда ҳам мен учун у ҳайратомуз. Чўмилаётиб, ҳисоб қилиб чиқдим. Менда бунақа нарса бўлмаганига қарийб икки йил бўлибди.
— Сен ҳақсан, бу таажжуб.
— Ростданми? Бу шунинг учунки, буни ўзим хоҳламаган эдим — бир неча марта.
— Нью-йорклик эркакларга раҳмим келади.
Жувон бош ирғади.
— Мен сенга бир вақтлар учрашишимизга тўғри келган нью-йорклик эркаклар ҳақида сўзлаб бераман. — Жувон яқин борди-да, қўлини йигитнинг елкасига қўйди. Жувоннинг бадани муздай ва ғоят таранг эди. — Лекин ҳозир эмас. Биз хонани бўшатиб қўйишимиз вақти келганини сезаяпман.
— Навбати билан.
— Қатъий равишда, — рози бўлди жувон. — Мен биринчи чиқиб кетаман. Лекин кетишдан олдин мен бу ерни бироз саришталайман.
— Йўқ, буни ўзим қиламан, — туриб олди Палмер. — Буни қандай уддалашни мен анча яхши биламан.
Жувон бир лаҳза унга ҳайрон бўлиб қаради, сўнг:
— Э-ҳа! Собиқ жосуслик зобити. Наҳотки у ерда олган барча сабоқларни шундоқ эсда сақлаб қолган бўлсанг? — деди.
— Булар сабоқлар эмасди, мияни ювиш эди. Бунақасини унутиб бўлмайди.
Виржиниянинг бармоқлари унинг елкасини қисди.
— Битта бўса, мана шундай ҳолатда, — деди у. — Кийингандан кейин у қадар бўлмайди.
Кириб келгандаги эмас, бошқа эшикдан чиқишни айтиб, Виржиния кетгач, Палмер ўзи ҳис этаётган қандайдир ғалати туйғунинг тагига етишга ҳаракат қилгач, меҳмонхона бўлмаси ўртасида бир лаҳза туриб қолди. Бироздан сўнг у англаб етди: енгиллашган экан.
Висол учун қулай шароитга қарамай унда яққол нотинчлик ҳукм сурмоқда эди. Бернс қайтиб келиб қолиши ва уларни бирга кўриб қолиши мумкин. Хавф ўтиб кетгани учун эмас, балки ҳеч бўлмаганда Виржиния кетиши билан тартиб ўрнатишнинг биринчи босқичи ниҳоясига етди.
Палмер қадаҳларни, музли челакни кўздан кечирди ва улар ҳеч қанақанги сирни ошкор қилмайди деган қарорга келди. У ётоқхона бўлмасига кирди ва чироқни ёқди. Каравотнинг аҳволини кўриб, унинг кайфи учиб кетди. У ўз нарсаларини ҳаммомхонага олиб бориб қўйди, қайтиб келди ва каравотдаги матрацдан бошқа ҳамма нарсани олиб ташлади. Сўнг матрацга тўшалган, қаттиқ ғижимланиб кетган чойшаб ўрнига бошқа силлиқроғини ёйиб қўйди. Бунда ётадиган навбатдаги одамга матрацдаги чойшабни кўриб олиш қийин бўлмаслиги учун шундай қилди, олдингиси эса адёл тагидан деярли кўзга ташланмас эди. Палмер ёстиқ жилдларининг тескарисини ағдарди, ёстиқларни дўппослади ва ёпқи чойшабни қўли билан текислади. Иккала кулдонни меҳмонхона бўлмага олиб борди, ичидагиларни ўша ерда турган катта кулдонга тўкди, кичкиналарини ҳўл қоғоз салфетка билан тозалаб артди ва қоғозни унитаздан оқизиб юборди. Қайтиб келиб, кулдонни каравот ёнидаги столчага қўйиш учун у яна бир марта хонага кўз югуртириб чиқди ва ҳатто тиззасида чўкиб, каравот тагига кўз солди — тағин битта-яримта сирғаси тушиб қолмаганмикин?
Жосусларни “мусаффо уй” деган бир санъатга ўргатар эдилар. Бу шулардан иборат бўларди: барча хоналардан яширин тинглайдиган аппаратлар, телефонлар, симларни олиб ташлаш, ойнадан кузатиш имкониятини йўқотиш. Бу ҳар қандай ҳолатда мажбурий нарсалар бўларди — жосус уйни бир соатга, бир ҳафтага ёки бутунлайга тарк этадими, фарқи йўқ. Одатдаги турмушдан ажратиб турувчи бирон-бир нарсанинг борлигини билдирадиган ҳеч нарса қолмаслиги керак. Ва ниҳоят бу санъат яна ғаним жосус уйига кириб бориш техникасини ҳам ўз ичига оларди, уйни ўрганиш ва ундан чиқишда махфий тинтув излари қолмаслиги керак. Бенуқсон автоматизм санъати. Палмер шу нарсани жонидан ардоқлар эди, чунки у ўйлаш заруратидан халос қиларди.
У ётоқхона бўлмасидаги чироқни ўчирди ва эслашга ҳаракат қилиб бир дақиқача эшик олдида туриб қолди — бу оқшом бошида у очиқмиди ё ёпиқмиди? Ҳаммаси яшин тезлигида содир бўлди. Улар диванда эмас, қачон ётоқхона бўлмасида пайдо бўлиб қолишганини ҳатто эслолмасди ҳам, бироқ энди унга гўё у ёпиқдай туюлмоқда эди. Демак, кел, шундоқ бўла қолсин.
У ҳаммомхонага кирди ва Виржиния артинган сочиқни ушлаб кўрди. Сочиқ у қадар ҳўл эмасди. Демак, Бернс ярим тунда қайтиб келганида, у қуриб қолган бўлади. Лекин бундан ташқари, бу шуни билдирардики, агар сочиқ қуруқ қолган деса, Палмер чўмилмай қўя қолиши керак. У шоша-пиша ўзига сув сепди-да, “клинекс” ёзувли қоғоз салфеткалар билан артинди. Қоғознинг майда парчалари баданига ёпишиб қолди. У ўзини шулардан тозалади-да, тезда кийинди.
Шошиш зарурлигини ҳис этиб у янада тезроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлди. У биларди: Бернс бундан эрта қайта олмасди. Лекин билиб бўладими... Тўсатдан Палмер ўзини ва нималар қилаётганини гўё ташқаридан кўрди. Жосуслик хизматининг мушоҳадалардан халос этувчи қоидаларга тескари ўлароқ бу қиёфа дақиқа сайин яққолроқ кўзга ташланмоқда эди.
Фақат энди, унитаз устида ўтириб, ботинка боғини боғлай туриб, бугун оқшомги барча воқеалар нечоғли мўъжизакор эканини англади. Жосусликда орттирган малакаси бир ажойиб кунда унга нафақат бир чақага олмайдиган, балки Палмерни шундай қилишга ундаган одам билан ноқонуний висоли аломатларини яширишга ёрдам берганини ҳам англади. Бу ҳақда обдон ўйлаб кўрганида Палмернинг кўз ўнгида бу ҳолат ўзининг бутун бемаънилиги билан намоён бўлди.
Сочиқни текислар экан, у умуман уриниб-чиранишга арзийдими ўзи, деган хаёл миясига келди. Сўнг бу хаёлни миясидан чиқариб ташлади.
У ҳаммомхонадан чиқиб, тўсатдан яна қайтиб кирди. Юзини буриштириб, у яна бир неча салфетка олди, сурма ойна эшикни қунт билан артди, совун сурди ва қўлидан келганича полдаги ҳалқобчаларни артиб чиқди. Ҳўл қоғозни унитазга ташлаб, сувни қўйиб юборди.
“Клинекс” салфеткалари. Палмер ваннахонадаги чироқни ўчирди, эшикни ёпиб қўйди, (Шундаймиди? Шундай эди) ва меҳмонхона бўлмасининг ўртасида, оқ гилам устида бир дақиқача туриб қолди.
У шу ҳолда турар экан, фикрлашдан ўзини тийиб туролмади, албатта.
Шу ишни қилиш шартмиди ўзи?
Палмер отасининг ахлоқий қоидалари бўйича ўзини уччига чиққан аҳмоқдек тутаётганини билиб турарди. Агар отасига таъсир қилганида, бундай ҳол юз бермас эди, чунки отаси ўз хизматкорига танбеҳ бермоқчи бўлса, у буни иложи борича алайна-ошкор қилар эди. Махфий, шахсий учрашув тайинлаш ҳақидаги фикрининг ўзи отамга олий даражадаги қўрқоқлик бўлиб кўринарди. Бироқ кейин Палмер отасининг ҳеч қачон Мак Бернсга ўхшаган унга тобе одами бўлмаганини ўйлади.
Палмернинг нигоҳи коктейл столчасида турган икки қадаҳга тушди. Улардан бирининг гардишида лаббўёқнинг ёй шаклидаги чўғдек доғи бор эди. У доғни ўчириб ташлаш ниятида стаканга чўзилди. “Клинекс”. “Клинекс”. Палмернинг қўли ҳавода муаллақ қолди. У Виржиниянинг бу ерда бўлиш (бу ҳақда Мак Бернс билади-ку!) изларини йўқотишга уринишида ваҳима аломатини кўрди. Модомики ваҳима бор экан, демак унинг сабаби ҳам бўлиши керак-ку?
Палмер ўтирди ва қўлига Виржиниянинг қадаҳини олди. У юрагида аллақандай безовталик ҳис этди — гўё аччиқ, сувўтлар қоплаган, сариқ пўртанали хуфия гуноҳ дарёси ташқарига отилиб чиқиб, юрагини сув босиб бормоқда эди.
Бўлмаган гап, ўйлади у. Нафсиламрини айтганда, мен бошқа одамман. Виржиния ноҳақ. Совуқ одам ўлмаган. Ҳаммасини бошқа қайноқ одам қилди, аммо ўша қайноқ одам аслида мен эмас. У лаббўёқ доғи қандай пайдо бўлиб, қандай йўқолаётганини кузатар экан, қўлида қадаҳни аста айлантирди.
“Сени нима деб чақирай? — сўради у. — Ишда-ку ўзим биламан. Аммо бу ерда нима дей?”
Бу ерда нима дейди? Уларнинг бу ерга яна келишлари мумкинлигини ўйлашга нима изн берди? Совуқ одам нима қилиши мумкинлигини жувон тасаввур ҳам қилолмайди. Ҳар нарса қила олади. Ишдан ҳайдай олади. Ҳар нарса қила олади. Ундан қутулиш, бўлган гапларни хотирадан ўчириш унга қийин эмас. Тасодифий ҳодисадан, соф жисмоний алоқадан, шунчаки билиб-билмай қилинган яқинликдан ташқари, пировардида, бу нима бўлиши мумкин?
Қадаҳни айлантирар экан, Палмер ёрқин изнинг қайта-қайта пайдо бўлаётганини кузатди. Қадаҳни бироз кўтариб ва синчиклаб ўрганаркан, у ғоятда заиф хушбўй ҳидни, жувон атирининг, унинг лаббўёғининг қоришиқ ифорини туйди. У қадаҳни бурнига олиб келди-да, ҳавони аста ва чуқур ичига тортди. Бирдан ўзи кутмаган ҳолда қадаҳнинг қиррасини тили билан ялаётганини ҳис этди. У кўзларини юмди-да, ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади.
У эндигина ёрқин эслаган илиқлик, ҳа, илиқлик унинг вужудини яйрат¬моқда эди. Тилидаги жувон лаббўёғининг таъми томоғини эҳтиросли иштиёқ ила куйдира бошлаганди. Узоқдан автомашина тезлигининг алмашгандаги овози қулоғига чалинди. У истамайгина кўзларини очди-да, қадаҳни столга қўйди. Уйдан шошиб чиқар экан, у тилининг учини танглайига қаттиқ сурди.
Палмер лифтдан энг пастки қаватга тушди ва бир-бирига уланиб кетган йўлакларни оралаб ўтиб хизматчи эшикка етиб келди.
Яна кўп марталаб фойдаланишни билиб, у қайси йўлаклардан ўтиб келганини эсида сақлаб қолишга ҳаракат  қилди.
Nom: Re: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: Ansora 10 Mart 2010, 17:06:06
Йигирма тўққизинчи боб

Палмер ўз меҳмонхонаси ёнида таксидан тушди ва швейцарга эътибор бермасдан тезгина мўъжаз вестибюлдан лифт томонга ўтди. Ўзларининг бу муваққат ошиёнларига кўчиб ўтган дастлабки кунданоқ у Палмерга ёқмаганди, Лифт олдида эшик устидаги сўнгги қаватнинг ёйи бўйлаб аста ҳаракат қилаётган милни кузатиб турар экан, у бу лаънати меҳмонхонага нисбатан юрагида нафрат  ҳиссини туйди. Бу ўзининг кўҳналиги, бошқалардан ажралиб қолганлигини, ҳаётдагидан кўра бу ерда кўпроқ бўлган мунгли жигарранг туси билан босиб турувчи тангу тор хона эди.
Ҳозир ҳам бу ярамас лифтнинг юқорига аҳмоқона қатновини ниҳоясига етказишини бетоқат кутар экан, уни яшашга мажбур этишган бу дидсиз, кулгили, бесўнақай бинога нисбатан алоҳида адоват ҳиссини сезиб турарди. У бу ерда истиқомат қилувчи чолларни ёмон кўрарди ва хизмат қилувчи ходимларнинг малайларча сурбетликларига нисбатан кўнглида чуқур нафрат туяди. У қарийб шу нарсага амин эдики, йўлка чеккасига келиб тўхтаган таксини кўриб, швейцар ўша заҳоти кераксиз топшириқ билан лифтчини юқорига жўнатиб юборган.
Қаватларни кўрсатгувчи мил юқориги “12” рақамига етганини, чайқалганини ва эҳтимол, бутунлай тўхтаганини Палмер кузатиб турарди ва бу унинг жонини чиқармай қўймасди. Тўғри, бошқа лифт ҳам бор эди, бироқ, одатда, у вестибюл қаватда очиқ, бўм-бўш ва қоп-қоронғи бўлиб тураверарди.
Палмер лифтдан тескари ўгирилди-да, юзага келган вазиятга мутлақо бепарводек кўринишга ҳаракат қилди, чунки хизматчиларнинг барчаси бундан маза қилиш ниятида кўзларини узмай қараб туришарди. Соатига қараб юбормаслик учун у сигарета олишга қўлини чўнтагига суқди, бироқ битта  ҳам сигарета қолмабди. Кўзининг қири билан қараб, у мил яна қимирлаганини ва ёй бўйлаб яна изига қайтаётганини кўрди.
Демак, қулай пайт келди, бирдан фикри ёришди Палмернинг. Тутилиб қол¬гани¬дан миннатдор бўлиш ўрнига  у унинг яқинлашиб келишига интиқ эди. Энди эса, бу нарса содир бўлай-бўлай деб турганди, унинг юраги шувиллай бошлади.
У Виржиниянинг деярли ҳақ экани ҳақида ўйлади. Ўзининг бутун оилавий умри давомида бунақаси бўлмаганди, яъни ҳеч бўлмаганда шунга ўхшаганроғи бўлмаганди, ўзининг гапини ўзи тўғрилади Палмер. Тўғри, ўн йилча муқаддам Лос-Анжелесда бир воқеа содир бўлганди, ўшанда Эдди Хейин тунги соат учда бўкиб ичиб олгандан кейин Палмернинг хонасига икки нафар учига чиққан фоҳишани олиб киришди. Ҳатто ўшандан кейин ҳам Палмер нима бўлганини аниқ-тиниқ эслай олмаганди. Шу оқшомнинг клиник, деярли муолажалик муҳитини у жуда яхши эслайди: гўёки у меъданинг кучли ифлосланишидан азият чекаяпти; шунда қиз тантанавор тусда унинг ошқозонини яхшилаб ювганди. Энди Палмернинг эслашича, ўша қиз жуда ҳам чиройли эди. “Бу ерда дунёдаги энг гўзал фоҳишалар ишлашади,” — деб уни ишонтирганди Хейген. Бундан ташқари қиз сабр-бардошли ва оқкўнгил эди. Шунгача биронта ҳам аёл зоти унинг учун, тўғрироғи, унга бу қадар ғамхўрлик кўрсатмаганди. Аввалига бу Палмерга қандайдир таажжубли бўлиб туюлганди. Кетар чоғда Хейгеннинг қизларга юз-юз доллардан тутқазганини кўргач, унинг таажжуби бироз сусайганди. Илгариги билан ҳозиргисининг ўртасидаги фарқ шундан иборатки, деб ўйлади Палмер, эринибгина келаётган лифтнинг қайсидир қаватда тўхтаган овозига қулоқ соларкан, Лос-Анжелесда у жисмоний лаззат олмаганди — ҳаммаси деярли унинг иштирокисиз содир бўлганди. У билан қиз ўртасида фақат мутахассис табиб ва беморнинг ҳалол муносабатларигина бор эди, холос ва ниҳоят, Чикагога қайтиб келишидан аввал бутун бир ҳафта ўтганди, бу ҳафта давомида ғира-шира хотиралар гўё ғилоф тагига яшириб ташланганди. У Эдисни бокира, дилбар ва вафодор бир ҳолатда учратишга муваффақ бўлганди.
Бугунги иш бошқача эди.
Лифт эшиги очилди ва ундан илжайган лифтчидан бошқа ҳеч ким чиқмади:
— Ҳа, мистер Палмер, сэр.
Бугунги иш бошқача эди, мушоҳада қилди Палмер лифт хонаси юқорилаб борар экан. Ҳисларини тартибга солиб олиши учун эса унинг вақти йўқ эди.
Улар керакли қаватга жуда тез етиб боришди.
— Марҳамат, сэр.
Палмер ўз квартирасига қараб кетди. Эшикка яқинлашганда қадамларини секинлатишга сира одатланмаган эди, бу гал ҳам шундай бўлди. Бироқ унинг фикрлари гўё энг қуйи тезликка тушириб қўйилгандай эди. Боғламдан керакли калитни топгунига қадар Палмернинг фикрлари вазмин ва жиддий тус олди. Бу ҳол қуйи тезликка солаётиб “жип” ҳайдовчиси лойга ботган машинани чиқариб олиш учун ғилдиракларнинг айланишига зўр берганига ўхшаб кетарди.
— Ким у?
— Хайрли кеч, Эдис, — деди у эшикни ичкаридан зичлаб ёпаркан.
— Мен Эдисмас, Жерриман.
Палмер орқаси билан эшикка суянди-да, бир лаҳза кўзларини юмди.
— Ойинг қани?
— Улар сизни роса кутдилар, — деди қизи йўлакдан унга томон юриб келаркан. У яланг оёқларнинг ҳар доимгидай полга оғир-оғир шапиллаб урилганини эшитиб турарди. — Кейин кетдилар.
Палмер кўзини очди-да, қизига қаради. Энди 11 ёшга кирса ҳам яланг оёғи билан бўйи 167 смга етганди. Даҳлиздаги ғира-шира ёруғда унинг ялтироқ сочлари одатдагидан кўра қорароқ бўлиб кўринарди. Тикка фарқ қоқ иккига бўлиб турган сочлари рафаэлча усулда елкасига тушиб турарди, сўнгги вақтда ёшлар орасида бу анча кенг урф бўлганди. Модомики, 11 ёшга тўлибдими, ўйлади Палмер, Жерри ўзини бўй етган қиз деб ҳисобласа бўлаверади. Унинг оқиш чеҳраси онасига тортган, ёз пайтларда енгил сепкил қоплайди. Бироқ юз тузилиши эса Палмернинг ўзи — чўзинчоқ, энсиз ва ёноқлари чиқиқ. Кўзларининг, ўзича деди Палмер, илгари ҳам бир неча марта пайқаганимдек, бир-биридан узоқлиги менинг ўзимдай, тиниқ ва тим-қораликни эса Эдисдан олгандай, бироқ юқориги кўз милкининг ғалати тарзда салқи тортиб туриши унинг чеҳрасига шарқона тус бериб туради.
— Соат 10 дан ошиб кетибди-ку, — деди у.
Жерри терлаган бурни учини отасининг иягига суртиб олди, ингичка қўллари билан белидан қучоқлади ва уни шунақанги қисдики, Палмер нафас ололмай қолди.
— Вуди ҳали ҳам ухлагани йўқ, — деди қиз бўғиқ овозда.
— Топ-чи?
— Ухлаяпти.
— Бахтиёр Жерри эса уйқусираб юрибди-ю, ухламаяпти.
— Ҳечам уйқусираганим йўқ-да, — эътироз билдирди Жерри, отасига қараш учун орқасига тисарилиб. — Галстугингизга нима бўлди?
Палмер бошини эгиб қаради — галстуги бир томонга оғиб кетибди. У тўғноғич қадашни эсидан чиқарганди. Кўнгилсиз бир сезги билан у дарҳол галстук тўғноғичи Бернс уйининг аллақаерида қолганини эслади. Бироқ шу заҳоти англаб етдики, ҳатто Бернс уни топиб олганида ҳам бу унга ҳеч нарсани фош этмайди: бор-йўғи битта тўғноғич-да — тикув игнасидан бироз узунроқ, миттигина оқ думалоқ бошчаси бор. Бернс уни Палмерда ҳеч қачон кўрмаган, чунки уни доим кўйлак ичкарисидан тўғнаб оларди, шунда галстукнинг қадаб қўйилгани сезилмайди. Бундай тўғноғичлар идора буюмлари сотиладиган ҳар қандай дўконда қутилаб ётади.
— Тўғноғич тушиб қолган бўлса керак, — изоҳ берди Палмер.
— Бошқасини тўғнанг-да, жўнанг. Бэркхардтникида бир соат бурун бўлишингиз керак эди, — деди Жерри.
— Нима?
— Менга қичқирманг.
— Эй худойим! — Даҳлизда турган тошойнага ўзини солиш учун Палмер ўгирилди. Унда юзидаги ифодани англаб бўлмас бир озғин одамни кўрди. Костюми жойидалигига эътибор қилди. Пиджакни улоқтирди-да, у ётоқхона бўлмасига отилиб кирди, йўл-йўлакай галстуги ва кўйлагини ечди.
— Вой дадажон-ей! — ёзғурди Жерри унинг изидан чопиб. — Ҳеч етиб бўлмайди-я сизга!
Янги кўйлагини кияр экан, Палмер уни яна кимдир кузатаётгандек ҳис қилди. У қайрилиб ётоқхона бўлмаси эшигига қаради ва остонада ўйчан ва саросима бир ҳолда турган тўнғич ўғли Вудини кўрди.
— Дадамнинг ҳеч бунақа ўзларини урганларини кўрганмисан? — қичқирди Жерри укасига.
— Дада, — гап қотди ўғли, — тижорат газетаси нима дегани?
Палмер қошини чимирди.
— Жуда пайтини топиб гапирадиган маъсум қобилиятинг бор-да, — деди у тугмани янги, эпақага келмаган илмоқдан ўтказишга чиранар экан. — Балки ҳафта охиригача кутиб турарсан?
— Ҳм-м? — ҳайрон бўлиб овоз чиқариб қўйди Вуди.
— Аввал тушунтириб беринг-чи, “маъсум” нима дегани ўзи? — таклиф киритди Жерри.
— Вақтим йўқ. — Палмер галстуклар осиғлиқ турадиган илғичга қаради, бироқ шу заҳоти Бэркхардтникига кундузги галстугимда борганим маъқул деган хаёлга борди. Бу анча табиий кўринади. Иккиёқлама ҳаётнинг бошланиши.
— Маъсум, — дерди бу орада Жерри, — гуноҳлардан холи дегани.
Палмер қизига кўз ташлади ва унинг укасига қараб турганини кўрди. У галстукни тақди-да, бугуннинг ўзида учинчи марта боғлаётганини эслади. Қани энди, ўғилларимдан лоақал биттаси шу Жерридай ақлли бўлсайди, деган хаёл дилидан ўтди. Бу уларга жуда зарур эди. Қизнинг ўзига бир вақт келиб ўткир ақли ҳалақит бериши ҳам мумкин. Ўғилларига унинг зийраклигидан озгина юққанида эди. Бу фазилат ҳам қизида керагидан ортиқ даражада кучли. Ким билсин, балки бундай хатарли аломатлар ҳаддан ортиқ бўртиб қолмаслиги учун қизи яхши тарбия олиб вояга етар. Чирой олдида ҳаммаси кечирилади.
Палмер галстугини тақди, унинг ингичка учини кўйлак остига тиқди ва яна пиджакни кийди.
— Жанжал бўлмаслиги учун, — деди у эшикка йўналаркан, — мен Жеррига яна ярим соат ухламай туришга рухсат бераман, сени эса, Вуди, шу ярим соатдан маҳрум этаман. Бошқача айтганда, сиз икковингиз каравотингизга роса 10.30 да йўл олишингиз керак. Тушундингизми?
— Англадим, — деди жавобан Жерри.
— Мен эса йўк, — қайсарлик билан деди ўғил.
— Жиддий айтаяпман, — деди Палмер.
— Ишлар қалай, мистер Жиддий? — гап қотди Жерри. — Сизга мистер Шубҳани таништиришга рухсат беринг, Мистер Шубҳа, мистер Жиддий билан танишинг. Мистер Жиддий, танишинг...
— Бас қил-е, — унинг гапини бўлди Вуди. — Сенга кечроқ ётишга рухсат тегди, мен эса бундан қийналишим керак. — У Палмерга норози қиёфада қараб қўйди. — Бу адолатдан эмас, дада. Сиз доим унинг тарафини оласиз.
Палмер ўғлига қаради; бўйи деярли унинг бўйи билан тенг — 180 см. Агар брюнет бўлганида, аллақачон қалинлашиб қолган муртларини қирдирган бўларди; овози ҳам отасидек босиқ, салмоқдор бўлиб қолганди. Қизиқ, агар пешонасига ёзилган бўлса, Вудининг кап-катта одам бўлиши учун қанча вақт керак бўларкан? Шу заҳоти у яна нотўғри йўлдан бораётганини англаб қолди: Жэрри ақлли, жасур, дангалчи эди, Палмер эса ўғлининг ундан қолишмаслигини истайди, чунки у опасидан уч ёш катта эди-да. Палмер яна бир карра, ўғлим билан қизимга бир андазадан қарамаслигим керак, деб эслатиб қўйди.
У ўғлига жилмайди-да, унинг қўлидан силади.
— Мен синглингга ярим соат бераётганим сабаби шундаки, у барибир бермаганимга қўймайди.
— Биламан, — рози бўлди Вуди. — Нега янги кўйлак кийиб олдингиз?
— Боссникига меҳмонга кетаяпман.
— Ановиси ҳам топ-тоза эди-ку?
— Уҳ, — деди Жерри, — бунақа гапларни эшитгандан кўра бориб ётганим афзал.
Болалари уни эшиккача кузатиб қўйишди. У ерда Жерри отасини яна бир марта қучоқлади ва ўпиш учун қоқ миясини тутди. Сўнгги йиллардагидек, Палмер бир тунга Вудини ўпишга журъат қилмади. Эҳтимол, у ўсмирдаги изҳор этиб бўлмас ҳадикни ҳис қилгани учундир — бирдан у бир кун келиб паришонхотирлик туфайли уни ±ш боладай ўпиб қўйса-чи? Улар қизнинг боши оша бир-бирига бош ирғаб қўйдилар ва Палмер умуман қўлидан келган даражада ўзини  носамимий ҳис қилиб, ўғлига кўз қисиб қўйди. Бу туйғу ўрнини қоплаш  мақсадида у Жеррини яна бир бор маҳкам бағрига босди.
Қиз ўзини орқага олди-да, жилмайди.
— Бугун сал ғалатироқмисиз, — деди Жерри. — Нима гап? Нима бўлди?
Лифт томон йўл оларкан, у соатига қаради. Бэркхардтникига роса бир соат кечикаяпти. Таксида Палмер барибир омади келганини англади. У ўзининг янги, бевафо эр ҳолатига кўникиши учун ортиқча вақтга эга бўлганди. Шунча зийрак бўлганига қарамай, Эдис бу борада қизи билан тенглаша олмасди. Зи±фат охирига келиб, деди ўзига-ўзи Палмер, Жерри пайқаган бу ғалати кўринишим, ҳеч шубҳасиз, беиз йўқолади.


Ўттизинчи боб

Бэркхардтнинг Сентрал-паркдан жанубда жойлашган шаҳар қароргоҳи ички зинапояли икки қаватли одмигина уйдан иборат эди. Бино эски ва  анча тор эди; унда бир вақтлар рассомлар ва машшоқлар студияси бўлар эди. Банк бу уйни 1939 йилларда, унинг соҳиби бай пули сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда олган эди. Бутун қаватни эгаллаган узун-узун хоналар кичик-кичик бўлакларга бўлиниб, қайта таъмир қилинганди — фақат энг юқориги, икки қават баландликдаги, паркка қараб очиладиган эгик деразалари бўлган хонагина бундан мустасно эди. Автоматик лифтда Палмер пастак, озғин, қорачадан келган 55-57 ±шлардаги бир одам билан рўпара бўлиб қолди — у қандайдир танишдек кўринди. Ташқи кўринишига  қараганда, бу сочи ҳаддан ташқари қора, эгнидаги пиджаги ранги жилетига сира мос келмаган одамнинг ким бўлишидан қатъи назар, аммо банкир эмаслиги аниқ кўриниб турарди: сувратфурушми, импрессориоми-ей... Икковлари ҳам юқориги қаватдаги хонага бориша±тгани маълум бўлгач, улар бир-бирларига бош ирғаб қўйишди.
— Мистер Палмерсиз, шундай эмасми? — сўради ҳалиги киши паст овозда кучли британ лаҳжасида. Унинг катта-катта қора кўзлари Палмерга одатдан ташқари тикилиб қарар эди.
— Ҳа, — қўлини узатди Палмер. — Мистер...
— Никос. — Улар қўл сиқишиб қўйишди.
— Энди эсладим, — деди Палмер. — Беш йилча бурун, ҳа?
— Чикагода... — тўлдирди Никос.
— Гаррис Траст билан бўлган учрашувда, — давом этди Палмер.
Демак, ўша экан, ўйлади у, Арчибалд Никос, икки ака-уканинг кичиги, улар “Лионел Никос ва ўғиллари” номли ҳаддан ташқари мураккаб инвестицион банк раҳбарлари бўлган, улар беш йил муқаддам Чикагодаги Гаррис Траст ва бир қанча маҳаллий банклар билан битим тузишган, саноатга йирик за±м тақдим этиш мақсадида Палмер отасининг банкини ҳам ўз ичига олган эди. Шу битим яна нима биландир боғлиқ эди. Бу нарсанинг нима эканини Палмер эслашга ҳаракат  қилди-ю, бироқ лифт тўхтаб, унинг фикрини бўлиб қўйди.
Унинг Никос билан биргаликда келиши,  Палмернинг пайқашича, айни вақтдаги кечикишини оқла±тгандек бўлди. Бундан ташқари, бу Эдиснинг улар иккаласи биргина иш билан машғул экан деган фикрга келишига ±рдам берарди. Нима бўлганда ҳам Эдиснинг саломлашуви Палмерга анча самимий бўлиб кўринди. У хотинининг ±нига бориб турди ва келганларнинг ҳар бирига навбати билан бош ирғаб чиқди. Палмер уларнинг барчасини билар ва улар ҳам Палмерни билар эдилар — ҳарҳолда унга шундай туюлди.
Шифти жуда ҳам баланд бу хонанинг энг тўрида, бурчакка суриб қўйилган ўриндиқ билан ±нма-±н бир-бирига тақалган иккита жавон бақамти турган жойда Гарри Элдер ўтирарди. Гаррининг олдида ЮБТКнинг учинчи одами, қандайдир узун суҳбатга киришиб кетган Клифф Мергендал турарди. Унинг ихтисоси маблағ жамғариш эди. Палмер Никоснинг тўғри Клифф Маргендал томон йўл олганини кўрди.
Қаршидаги бурчакда, баланд эгма дераза тагида французча усулдаги узун кат бўлиб, чеккалари каштали ±пқиси қат-қатланиб ерга тушиб турарди. Катда қалин малла сочли, эридан ўн беш ±шлар кичик миссис Мергендал ўтирарди. У баланд бўйли Уинтроп Скипуорт билан гап сотарди, дароз бўйли бу одамнинг икки ўзига хос фазилати бор эди: у шаҳардаги энг эски ва энг кичик банклардан бирининг директори ва Палмернинг барча танишлари ичида Винни ва Скиппи деб эркалаб чиқариладиган ягона киши эди. Ҳар иккала ном ҳам қандайдир салбий маъно касб этарди, аммо бундан Скипуорт заррача хафа бўлмасди. Эдиснинг ±нида Грейс Бэркхардтнинг ўзи ўтирарди; унинг ±руғ оламга чиқиши муносабати билан Палмер бир куни рамзли қилиб ифодалаганидек, бугун унинг “халққа кўриниш”ларидан  бири эди.
Палмер Миссис Бэркхардтнинг Эдис ва у билан олиб бора±тган енгил суҳбати риштасини узмаган ҳолда уй соҳибасига зимдан разм сола бошлади. Грейс Бэркхардт ҳақидаги маълумотлар ғоят ғарибона эди. Борлари ҳам ғийбатдан холи эди. Қарийб барча вақтини, ҳатто энг ±мон ±з ойларини ҳам у Коннектикут штатидаги ўз уйида ўтказарди; шаҳарга эса кўп деганда йилига олти мартагина чиқарди. Оламга намо±н бўлиш учун унинг айнан нега бугунни танлагани сабабини Палмер айта олмасди.
Грейс Бэркхардт эри билан деярли бир хил — 65-66 ±шдаги жиккаккина, қотма а±л эди. Чеҳрасидан қон томиб турувчи эридан фарқли ўлароқ, унинг юзи касалванд ва рангпар кўринарди. Палмер унинг сочини хи±л бўяганини пайқади, бу а±л кутганчалик натижа бермаганди: оппоқ сочи деярли унинг юзи ранги билан бир хил бўлиб қолганди. Афтидан, Грейс Бэркхардт қандайдир касалга чалинган, ўйлади Палмер, йўқса бу қадар заҳиллашиб кетармиди? Кейин барибир бу заҳиллик дафъатан қараганда унча сезилмайди-ку, деган тўхтамга келди. Ҳарҳолда Грейснинг заҳиллиги унинг касалвандлигини билдирмасди. У дадил ва енгил, жағи-жағига тегмай гапирар, бир қарасанг болалар тарбиясига оид гоҳ у, гоҳ бу муаммоларни тилга олар, яна бир қарасанг сўнгги кийим модалари, дўстлари бошига тушган мусибатлар ва эрининг соғлиғидан сўз очар эди.
— ...унинг ±шидаги эркаклар учун бу ғалати-ку, — деди у.
— Ҳар қандай ±шдаги эркаклар учун ҳам, — қувватлади Палмер; сўнг бу хушомадни у нечоғли нотабиий енгиллик билан айтганини пайқаб, ҳуш±р тортди.
— Жуда тўғри айтдингиз, — уни маъқуллади Грейс Бэркхардт. — Сизларнинг тилингизда нима дейди ўшани, зўр беришми, нимайди? Унинг зўр берганини ўз кўзим билан кўрдим. Йўқ, у буни ортда қолмаслик деб атаганди. Ҳа, назаримда шунақайди, ортда қолмаслик. У ўзидан нақ 20 ±ш кичик эркакка баравар келаман дейди-да, лекин ўша ±ш одам ҳам Лэйн чарчашидан анча олдинроқ ҳаллослаб қолди.
— Мен кўпинча Вудс ҳам атлетика клубига бориб турса яхши бўларди деб ўйлардим, — деди Эдис. — Чикагода у югуриш деса балодан қочгандай қочарди. Лоақал бир неча килограммга тўлишганида ҳам мен уни кўндирардим. Лекин...
Ҳар иккала а±л бурилиб, Палмернинг бошидан о±ғига разм солиб қаради.
— Жудаям озғин, — қатъий оҳангда деди Бэркхардт. — Қилтириқ ва оч эркаклар ҳақида нима дейиларди бу? Бундай эркаклар хавфли бўлади. — Қошини чимириб, а±л Палмерга қараб қўйди. — Лекин шундай бўлса ҳам унинг юзи ажабтовар — ҳавас қилса арзийди, — қўшиб қўйди у жилмайиб.
— Хоним, — сўз қотди Палмер, — мени жуда мақтаб юбордингиз. — У хи±л эгилиб қўйди-да, улуғ ±шдаги, смокинг кийган ва галстук таққан негр юмшоқ оқ сочиқ билан стаканларни артиб турган барга йўналди.
— Нима ичадилар, мистер Палмер?
— Виски. Муз билан, фақат майдалаб солинг, илтимос.
— “Скотч мист”ми? — сўради бармен.
— Зўр.
— Лимонли бўлсинми?
— Зўр.
Ҳа±т мураккабликларидан пайдо бўлган ғазабини билдирмаслик учун Палмер  нафасини ичига ютишга уринди. Барменга қилган жўнгина буюртмаси сал бўлмаса катта томошага айланиб кета±зди. Иш юзасидан чақирилган йиғилиш хотинлар билан тўлдирилган дун±вий зи±фатга айлантириб юборилганди. Бу ерда ўйнала±тган ўйин бошдан-о±қ сохта эди. Палмер стаканни олди-да, аслида нима бўла±тганини англашга ҳаракат қилганча бар олдида бирпас турди.
Олдиларига Никос юриб келганидан кейин Гарри Элдер ва Клифф Мергендал яна бирмунча вақт суҳбатни давом этдиришди; қандайдир ички қувват билан таъминлангандай, суҳбат чўзилгандан чўзилди ва уни тўхтатиш қийин эди. Бироқ ЮБТК вакиллари охири Никос уларнинг олдига бекорга келмаганини фаҳмлашгач, улар ўша заҳоти жимиб қолишди ва гў± ўзларини унинг ихти±рига топширган бўлишди. Шу аснода Бэркхардтнинг нигоҳи шу гуруҳда тўхтади ва у гарчи ўзи хона ўртасида, кўринмас чироқнинг кўзни олувчи нури остида ўтирган бўлса-да, уларни бир лаҳза ҳам кўздан қочирма±тган эди. Ўзини Арчер исмли, Палмернинг ±шидаги, ЮБТКнинг деярли барча ишларини юритувчи юридик фирма соҳибларидан бири билан гаплаша±тгандек қилиб кўрсатмоқда эди.
Арчер кўп жиҳатдан Палмерга ўхшаб кетарди. Иккови ҳам қирқдан сал ошган, иккови ҳам хийла новча ва қотмадан келган, юзларидан ўқимишлиликлари кўриниб турган ва сочлари калта қилиб олинган одамлар эди. Арчернинг отаси аср бошида юридик фирмага асос солганда, Арчер шерик бўлганди, бу ҳам уни Палмер билан яқинлаштирган эди. Ўхшашлик шу ерда тугарди. Арчернинг ранги жудаям қорача, деярли зайтун тусида эди, қора сочидан ҳам кўкиш ранг акс бериб турарди. Бу одамни кузатар экан, Палмер унинг чеҳрасидаги зи±лилик  фақат юзаки кўриниш, холос, деб ўйлади. Арчернинг зеҳни юридик факультетни бир амаллаб битириб олиш ва адвокатликка имтиҳон топширишгагина етарди. Унинг қудрати оилавий ва иш муносабатларидагина намо±н бўлар эди.
Мен ҳам, деб дилидан кечирарди Палмер, Бэркхардтнинг ноғорасига ўйнайдиган маймундан у қадар фарқ қилмайман.
Вискидан оғзини тўлдириб ҳўплади-да, Палмер жўрттага Бэркхардтнинг ±нидан юриб ўтди ва хона тўрида гаплашиб турган учала киши томон йўл ола±тиб бошлиқ уни тўхтатиб қолиши мумкинлигини кўнгли сезди.
— Вуди, — деди Бэркхардт хи±л хириллаган, бўғиқ овозда, — Жимми Арчер эсингдами? — Унинг катта-катта бўғимдор бармоқлари Палмернинг қўлини тирсаги юқорироғидан қисиб турарди.
— Жимми, кўринишинг чакки эмас.
— Ҳозиргина Буэнос-Айресдан келдим.
— Қойил — деди Палмер. У ўз бошлиғига қаради. — Кўринишингиз ҳайрон қоларли даражада яхши. Турникда чаққон ҳаракатлар қилишингиз билан йигитларни доғда қолдиришингизни хотинингиз сўзлаб берганди.
— Йўқ, бу илгари шундай эди, — гулдираб деди Бэркхардт. — Бир лаҳза у Палмернинг қўлини қаттиқроқ қисди. — Энди олдинги валдирашларим йўқ, Вуди. Ўлгудай жонимга теккан.
Палмер унинг чап ±нидан кўксини ушлаб қўйди:
— Соатдай ҳалиям бир текис уриб турибдими, ахир?
— Ҳаҳ. Мана бу ±ғидан хавотир олмасам бўлади.  — Бэркхардтнинг митти оқиш кўзлари сузилди. Афтидан, у кўзларини ўткир офтоб нуридан қисганди. У Палмернинг қўлини қўйиб юборди, муштумини тугди-да, унинг кўкраги устидан туртиб қўйди. Ҳаракат қисқа бўлди ва афтидан, Бэркхардт унга ҳеч қандай куч сарфламаган эди. Шундай бўлса ҳам яхшигина оғриқ берди.
— Секинроқ-да, — ғудранди Палмер. — Ўрдамчиларга ±мон муомала қилиб бўлмайди.
Бэркхардт Палмерга юзма-юз турса-да, кўзларини Арчердан узмасди.
— Сездингизми, — сўради у, — икки рақамли шахс ҳар доим сизнинг соғлиғингиз ғамида юради?
— Мен вақтни исроф қилишнинг энг яхши усулини ўйлаб топишим мумкин, — деди Палмер, — бу сизнинг ажални кутганингиздан кўра дурустроқ.
— Бу қўлингиздан келади, — маъқуллади Бэркхардт ҳаддан ташқари лутф билан; ҳарҳолда Палмерга шундай туюлди. — Буни қандай уддалашни ҳам биласиз.
— Нечта вице-президентни дафн этдингиз, Лэйн?
— Шунга муносиб бўлганларнигина.
Палмер юмшоқ кулиб қўйди.
— Touche1 . — У бурчакдаги учала эркак томонга бош ирғаб қўйди. — Бориб банк ишларимиз ҳақида гаплашай.
Бэркхардтнинг кучли бармоқлари айни боя мушт тушган жойда яна тугилди. Палмернинг қўли зирқирагандай бўлди.
— Биз сен билан қанақа гаплашар эдик, эсингдами ўзи? — сўради Бэркхардт.
— Бир нарса эсимда қолган бўлса ўлай агар, — жавоб берди Палмер, — сизни банкда жуда кам кўрганимдан сиз билан қандай гаплашиш ҳам эсимдан чиқиб кетибди.
— Менинг сенинг ортингда туришим сенга асло керак эмас, Вуди. Тушунишимча, сен ўзинг қойилмақом қилиб эплайсан.
— Ким айтди буни сизга?
— Менинг тонгги газеталарим. Сен уларда ҳар уч кунда бир, гоҳо ундан кўпроқ чиқиб турасан.
— Агар сиз ҳар расмий зи±фатда президиумда пашша қўриб ўтиришларим ҳақидаги хабарларни назарда тута±тган бўлсангиз, унда сиз ҳақсиз.
— Фақат шугина сенинг тез-тез чиқишингга сабаб бўлма±тгандир?
— Сиракузада келаси ҳафтада маърузам бор. Ўйлайманки, президиумда пашша қўриб ўтирганимга нисбатан бу олға силжиш бўлади.
— Яна қаерда нутқ сўзлайсан?
Палмер пешонасини тириштирди:
— Бир ҳафтадан кейин Буффалода. Кейин ўн кун давомида Бруклинда, Утикда ва Рочестерда. — Палмер бошлиқнинг ўз қўлини қўйиб юборишини кутарди.
— Жимми, ҳеч менинг нутқларимни эшитганмисан? — сўради у.
— Бу нима деганинг, Вуди?
— Банк вакили сифатидаги нутқларимни эшитганмисан?
— Айтолмайман.
— Бу кичиккина, ғоятда ғалати томоша, — тушунтирди Палмер. — Дебоча сифатида, ҳалигиндай, оламнинг пайдо бўлишидан бошлаб банклар тарихининг мароқли манзарасини қоралаяпман. Бобил дон омборлари. Миср тижорат бирлашмалари. Барча асрлар оша. Бунга, ҳазил қилиб айтганда, роса беш дақиқа вақт кетади. Қарабсизки, мен ўз давримизда пайдо бўлиб қолибман — қанд пўстлоғли аччиқ ҳапдори ва биз омонат банкларига шафқатсизларча ҳужум бошлаб юборамиз. Эшитиб қулоғингизга ишонмайсиз.
— Сенинг маърузалар ±зишингни билмас эдим, Вуди.
— Мен ҳечам ±змайман. Уларни ±зиб беришади... — Тўсатдан Бэркхардт унинг қўлини жуда қаттиқ қисиб юборди. Палмернинг юзи бужмайиб, қўлини бўшатиш учун бир четга чекилди. — Шаҳарда нутқ сўзлайдиган бўлсам сенга хабар қиламан, Жимми. Бу зўр бўлади, сен нутқимни бир эшитиб қўйишинг керак.
— Тушунишимча, — деди Бэркхардт салмоқ билан, — банк ишбилармонлари олдида нутқ сўзлашдан олдин сен ўз томошангни обдон пишитиб олар экансан.
— Жуда топиб айтингиз.
— Лекин олдиндан мақтанишга арзимайди, — деб гапни тугаллади Бэркхардт Арчерга кулиб қўяркан.
Палмер босснинг митти кўзлари яна хона бурчагида турган учала кишига қадалганини пайқади. Узр сўраб ўтирмай Палмер Бэркхардтнинг олдидан кетди ва ўша гуруҳга яқинлашганда Арчибалд Никоснинг сўзлари қулоғига чалинди:
— ... бугунги иқтисоди±тнинг айни моҳияти.
— Сиз ҳақсиз, албатта, — деди Клифф Мергендал, — бироқ бозорнинг ҳозирги ҳолатида бундай паст фоизли, бундай ҳажмдаги таъминланмаган за±м бир оқшомда ҳал қилиш мумкин бўлган масала ҳисобланмайди.
— Бундан ташқари ҳам, — гап қўшди Гарри Элдер, — за±мни тўлашга берилган мутлақо узоқ муддатни ҳисобга олганда, амалга ошиши қийин режа келиб чиқади.
Баҳсга тортмоқчи бўлгандай Никос ўша илжайганча Палмерга ўгирилди.
— Бўлмаса-чи, — деди у, — бундай битимнинг жамоатчиликка таъсири қайсидир даражада ўзидан-ўзи қўшимча таъминот бўлиб ҳисобланади.
— Бу қанақа битим бўлиши керак? — сўради Палмер.
— Бу... — Никос тилини тишлади. Унинг чақчайган кўзларида бесаранжомлик пайдо бўлди.
— Вуди за±м муаммолари билан шуғулланмайди, — деди Гарри Элдер ўзининг баланд хирилдоқ овозида. — Булар банк ишларини муҳокама қилган қисқа маслаҳатлашувларимизга вақт топиши учун у омонат банкларининг мана бу машмашалари билан қаттиқ банд.
— Тушунаман, — жавоб берди Никос. У бир дақиқа жимиб қолди, кейин жилмайди... — Жудаям мафтункор хотинингиз бор-да, мистер Палмер.
Суҳбатнинг бу йўсинда ўзгариши унинг чаккасига тарсаки тортгандай бўлди. Палмер жавоб тариқасида лабларини тиккасига чўзиб жилмайди.
— Раҳмат. Ҳеч шунга эътибор қилмаган эканман, — деди у суҳбатнинг аввалги мавзусига қайтар экан, — лекин мен тафсилотларни ҳозир эшитганларим билан таққослаб кўришга ҳаракат қиламан. Менинг ақлим етмай турган ягона нарса — бу ҳажм ҳақидаги гап эди.
— Ярим миллиард, — деди Мергендал, гў± пулнинг ҳаддан ташқари катталиги уни ташвишга солгандек, бироз асабий ҳолда.
— Қанақа фоиз меъ±ри бўйича? — астойдил сўради Палмер. — Олтими? Бешми?
Гарри Элдер чийиллаб кулди ва Никосга кўз қисиб қўйди.
— У ҳар биримизнинг жойимизни солиб қўяди, Арчи.
— Беш ярим, — жавоб берди Мергендал таклифнинг ошкора бемаънилигидан шикоят қилган оҳангда. — Бу меъ±р фахрийлар учун имти±зли бай пули, жин урсин.
— Тағин йигирма йилдан кўпроқ муддатга, — тахмин қилиб деди Палмер.
— Роппа-роса йигирма йилга, — унинг гапини тўғрилади Мергендал. — Сизга ҳеч қандай йўриқноманинг ҳожати йўқ.
Палмер елка учирди ва Никосга мурожаат қилди:
— Сиз бир нарсада ҳақсиз. Газеталарнинг биринчи саҳифаларига тушиш учун бу ҳийла ғайриодатий ҳол. Лекин мен ЮБТКнинг рекламани қўшимча таъминот сифатида баҳолашига ишонмайман.
— Бу омадсиз муболағадан бошқа нарса эмас, — шошиб гап қотди Никос. — Аслида бундай ҳолда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий муносабат газеталар учун шов-шувли гап эмас. У бор-йўғи ўзига хос ишончсизлик овози, холос. Айнан мана шу палла айниқса қулай...
— Менга қаранг, — гумбирлаб деди Бэркхардт хона ўртасидан. — Биз ҳаммамиз аллақачон Уолдорфда бўлишимиз керак эди. Томоша яна 15 дақиқадан кейин бошланади.
Палмерга барча овозлар ҳаддан ташқари тармоқланиб кетгандай туюлди — бу унинг ортидаги меҳмонларнинг ўрнидан кўзғалгани эди. У ўз стаканига қараб қўйди ва яна оғзини тўлдириб ҳўплади.
— Мен тушунмай турган нарсам шундаки, — мурожаат қилди у  Никосга, яхшироқ эшитиши учун овозини кўтариб, — бундай илтифотни биз кимга кўрсатишимиз керак?
— Бошни қотирмасанг-чи, Вуди, — деди Гарри Элдер. — Яқинда мени имтиҳондан ўтказганингдан кейин ҳам сенга ишонишимни истайсанми?
Гап қандай имтиҳон ҳақида кета±тганини дарҳол англаган Палмер Элдерга қаради.
— Йўқ, тўғрисини айтаяпман, — деди у, — гапим мутлақо жиддий.
— ... Машиналар бўлиши учун пастга қўнғироқ ҳам қилиб қўйинг, — деди Бэркхардт унинг гапига улаб.
Никос, афтидан, Бэркхардтнинг эълонини суҳбат мавзуидан қочиш учун қулай баҳона ўрнида қўллаганидан хурсанд эди. У жилмайди ва Палмерга бош ирғаб қўйиб, ±ни билан ундан нари кета бошлади.
— Айтинг-чи, — деди у, — Форс танобийсида бугун биз нимани кўрамиз? Белафонтними?
Палмер елка қисиб қўйди-да, Гарри Элдерга юзланди:
— Қанақа фирма бу, Гарри?
— Сени биларсан деб ўйлагандим, Вуди.
— Йўқ, билмайман.
— “Жет-Тех интернешнл”.
Шу оқшом кечроқ Палмер Гарри тилга кирганида нима учун хонада бирдан жимжит бўлиб қолганини англашга ҳаракат қилди. Кийинишга ±рдам бера±тганларида меҳмонлар суҳбатни тўхтатиб турганларидандир? Эҳтимол, улардан бир қанчаси аллақачон эшик томон юра бошлагандир? Нима бўлганда ҳам, Гаррининг сўзлари деярли тўла жимжитликда садо берганди.
Палмер қўлидаги стаканнинг совуғини ҳис этди. Совуқ елка курагигача зирқиратиб юборди.
— Жет-Тех? — такрор сўради у.
Анча кейин,  улар форс танобийсида рақс майдончаси ±нгинасидаги столчада ўтирганларида Палмер бу саҳнани  миясида қайта ва қайта кўриб чиқа±тганини, унинг ботиний маъносини англашга қайсарлик билан ҳаракат қила±тганини, бундан бадани совуқ жимирлаб кета±тганини сезди. У сўзларига қулоқ солмай қўшиқчини кузата±тир, барибир анави ±қда, Бэркхардтнинг уйида нима учун бош айланишига ўхшаш бир нимани ҳис этганини англашга уринди. Нимагадир о±қлари остидаги ер ўйилиб, чоҳга тушиб кета±тгандай бўлганини элас-элас эслади.


Ўттиз биринчи боб

Кун эртаси кўнгилсиз бошланди. Палмер уйқудан оғир уйғонди. Қисман бу хумордан бўлса, қисман шуурида кеча оқшом туғилган ноаниқ шубҳанинг ўзидан эди. Эдиснинг Бэркхардтникидаги зи±фатда содир бўлган аҳмоқона қилиқларини миридан-сиригача нонушта чоғида муҳокама қиламиз деб о±қ тираб туриб олиши ишнинг бадтар пачавасини чиқармоқда эди.
Энди ўз хонасидаги столда чароғон қиш офтоби туфайли баҳайбат юқориги дераза қопқоғини ±пиб ўтирар экан, Палмер Жо Лумис ва “Жет-Тех интернешнл” ҳақида Виржиния Клэри тўплаган маълумотни яна бир карра батафсил ўрганиб чиқди. Каллайи саҳардан банкка келиб, Палмер Виржиния билан гаплашишдан ўзини базўр тийиб турарди. У ҳатто Виржиния ва Мак Бернсга ваъда қилган фарқни ҳам кейинга қолдирди. Шундай бўлса-да, у ўзи ишонган биронта одам билан Никоснинг таклифини муҳокама қилмаса бўлмас эди.
Қоғозни бир четга қўйиб ва маъносиз нигоҳини қаршидаги деворга тикиб, Палмер Виржинияни кўришни хоҳламаётганини, чунки унинг ўзини қандай тутишини тасаввур қилолмаслигини англади. Айни вақтда у шу жувондан бошқа Никоснинг таклифи ҳақида ҳеч ким билан гаплаша олмаслигини ҳам билиб турарди, айниқса ҳозир, қайсидир тушунча томон олиб борувчи йўлни пайпаслаб топиб олмагунга қадар.
Палмер ички алоқа тугмачаси томон чўзилган қўлига разм солди. Бармоғи “Скртр” тугмачасини босганини дарҳол англади. Котиба жавоб бергач, у ҳаяжонланаётганимни билиб қолмасин дея аста йўталиб олди ва деди:
— Айтинг, мисс Клэри ҳузуримга кирсин.
Жувонни кутар экан, Палмер барча одатдаги маъмурий хатти-ҳаракатлар унга панд берганини сезди. Стол устида у кўриб чиқиши, саралаши, қовоғини уйиб бармоқлари билан чертиши, ўқиши, устида фикр юритиши, бир жойдан бошқа жойга олиб қўйиши, қистириши, суғуриши, устига қандайдир белгилар қўйиб чиқиши ва ҳ.к.лар қилиши керак бўлган кўпдан-кўп қоғозлар ётар эди. Молия ва банк ишларига оид саҳифалари очиб ва котиба тартиб билан тахлаб қўйган тонгги газеталар унинг қўли остида. Бундан ташқари бу ерда “Уолл-стрит жорнэл”нинг ўқилмаган сони ҳам бор эди. Бироқ Палмер кўзларини ёпиқ эшикка қадаганча қимир этмай ўтирарди. Эшик очилди-ю, у беихтиёр ўрнидан турди.
Унинг рўпарасига келиб ўтираркан, Виржиния ияк ирғаб қўйди:
— Хайрли тонг.
Палмер унинг қандай жойлашиб олишини кузатди: иккала оёғини ёнма-ён қўйди, қўллари тиззалари устида, кафтларини тепага қилиб қовуштириб олди. Бир лаҳза ўтгач, у жувоннинг саломига алик олмаганини англаб қолди.
— Хайрли тонг, — шошиб деди у. — Айтинг-чи... — Омонат банкларига доир мана бу гаплар бошланганда сиз ЮБТКда ишлар эдингизми?
Жувон бошини чайқади:
— Бу ҳангома бундан ўн йил муқаддам бошланган. Мен қандай бўлганини эслайман-у, аммо ЮБТК нуқтаи назаридан эмас.
Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Палмер жувоннинг ёноқлари бўртиқ ва катта-катта қора кўзли чеҳрасига разм солди.
— Сиз бугун ҳаддан ташқари жозибали кўринасиз, — ғудранди йигит.
Жувон елкаси оша ёпиқ эшикка қаради ва жувонга томон юзланиб деди:
— Сиз эса ундай эмассиз.
Йигит бош ирғаб қўйди-да, унга сигарета узатди.
— Асабий бўлганимда, тун бўйи мижжа қоқмаган бўлардим.
— Лекин сиз, барибир, ухлагансиз, — деди Виржиния сигаретани рад этаркан.
Йигит яна бош ирғиди.
— Нотинч.
— Виждонингизми? — Жувон хиёл қошини чимирди. — Жуда афсусдаман.
— Йўқ. — Йигит улар бутунлай бошқа-бошқа нарсалар ҳақида гаплашишаётганларини англаб қолди. Боз устига, буни жувонга тушунтириш уни ҳақорат қилиш эканини ҳам  англади.
Албатта, деб мушоҳада қиларди Палмер, Виржиния унинг асабийлашувини гуноҳ туйғуси натижаси деб ҳисоблаши керак. Унинг виждони қийналишидан ҳам жиддийроқ асабийлашувига бошқа сабаблар бор эканини жувон тушида кўрибдими. Бунинг устига улар кеча оқшом ажрашганларидан кейин нималар бўлганини Виржиния билмасди.
— Виждонингиз қийналмадими?
— Сиз ўзингизни айбдор деб билмаслигингиз керак деб айтмоқчи эдим.
— Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди.
— Модомики мен ўзимни айбдор, деб ҳис қилмабманми, демак сиз ҳам шундай бўлишингиз керак.
— Яхши, — рози бўлди Виржиния, — тўғрисини айтсам, хурсандман, — тўсатдан унинг кўзлари янада катталашиб кетди. — Ҳарҳолда, — давом этди жувон, унинг овози деярли шивирлаб чиқмоқда, кўзлари эса йигитга тик қараб турарди. — Шу пайтгача менинг биронта ишим менга бундай ҳузур бағишламаганди. Энди бўлса, — унинг овози яна жаранглаб чиқа бошлади ва деярли ишчан оҳанг касб этганди, — омонат банклари хусусида сиз яна нималар билишни истар эдингиз?
Гўё елкасидан тоғ ағдарилгандай ўзини енгил ҳис қилиб, Палмер ўриндиқ орқасига ётиб олди; назарида бир меҳрибон қўл баданини силаб, вужудини яйратаётгандай ҳис қилди.
— Биласизми, — деди йигит, — мен сизга бир нечта ноқулай савол бермоқчиман, чунки менга сизнинг тайёр бўлмаган жавобларингиз керак. Аниғини айтинг-чи, омонат банкларига доир мана бу жанг даставвал қачон бошланганди?
— Бу 10 йил муқаддам Олбанидаги қонун чиқарувчи мажлис таклифидан бошланганди. Ўшанда омонат банкларига уларнинг бош бошқармаси жойлашган округдан ташқарида бўлимга эга бўлиш ҳуқуқи берилганди.
— Таклифни ким илгари сурганди?
Жувон елкаларини қисди:
— Штат марказидан мажлиснинг бир неча аъзоси. Менимча, Нью-Йоркдан эди.
— Таклиф нима бўлди?
— У жимгина жон берди-қўйди.
— Шундайича-я? Ҳеч қандай кураш-пурашсиз-а?
— Ҳеч қандай кураш-пурашсиз. — Жувон бир дақиқа ўйланиб олди. — Агар омонат банклари ўшандан буён бўлимлар ҳақидаги қонун лойиҳаларига сарфлаган барча пуллардан биринчи йилиёқ фойдаланганларида эди, дастлабки уринишдаёқ ғалаба қозонилган бўларди. Аммо бундай қадам қўйишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади.
Палмер бош ирғади:
— Буни менга Бернс тушунтириб берди. У бу йиллар ичида омонат банкларининг бўлимлари ҳақидаги таклиф барча нусхаларида қонун чиқарувчилар учун ортиқча юк бўлиб келган. Айтинг-чи, очиқ кураш қачон бошланган? Қайси йилда?
— Кураш бир неча марта авж олган. Саккиз йил бурун ҳам. Беш йил бурун ҳам. Шубҳасиз, ўтган йили юқори нуқтага бориб етди. Сиз бугун бутунлай бошқача кўринаяпсиз.
Палмер қовоғини уйди.
— Нега бошқача кўринарканман? Қайси маънода?
— Бироз асабийлашгандайсиз. — Жувон гапидан тўхтади-да, бошини сараклатди. — Мавзуга алоқадор эмас. Мен ўзимга қарашим керак. Бўпти, энди омонат банклари курашига қайтайлик.
— Ҳа. Нима учун айнан ўтган йили кураш бу қадар кескин бўлди?
— Қисман шунданки, омонат банклари олдингилардан кўпроқ тазйиқ ўтказа бошлашди, — тушунтирди жувон. — Қисман яна шунданки, улар ҳар қандай одоб-ахлоқни бир четга қўйиб, ЮБТКга ўхшаган йирик шаҳар банкларига ҳужум бошладилар. Яна қисман шунданки, Лэйн Бэркхардтнинг фикрича, улар ҳужумни энди шахсан унинг ўзига қарши олиб бора бошладилар. У ҳам муштлашувга бош қўшгандан кейин чинакамига тўс-тўполон бошланиб кетди.
— Тўғри. Ҳамма гап шунда, — деди Палмер. — Нима учун охири Бэркхардт жангга киришишга қарор қилди?
Жувон яна елка қисди:
— Бу йилнинг бошида нима бўлган бўлса, ўшанда ҳам шундай бўлганди. Жо Лумис “Меррей Хил” омонат банки номидан ундан курашдан тийилиб туришини илтимос қилди. Шунинг учун Бэркхардт айнан шунинг тескарисини қилишга аҳд этди.
— У билан Лумис эски дўстлар, қил ўтмас улфатлар, қон душманлар эмас. Нима учун Бэркхардт шундай қилиши керак бўлиб қолган?
— Айнан шунинг учунки, — деди Виржиния, — у дўстликнинг оқибати нимага олиб келишини англади. Бэркхардт курашда душман унинг асосий омили бўлади деган қарорга келди, рақибининг қўлларини боғлаб қўймоқчи бўлди, Лумис билан дўстликларидан қинғир йўлда фойдаланишни ўйлади.
— Тушунарли, — давом этди Палмер. — Булар барини сиз қаёқдан биласиз?
— Бэркхардтнинг ўзи баъзи гапларга ишора қилар эди, бошқа гапларни эса менинг ўзимга ёки мен боримда очиқ-ошкор айтар эди. Қолганларини мен газетчилардан билиб олар эдим.
Палмер битта сигарета олмоқчи бўлди, бироқ ўйлаб, пачкани яна Виржинияга тутди. Жувон рад этгандан кейин у сигарета тутатди.
— Энди айтинг, Бэркхардтнинг қайсарлигини ҳамма биладими? Саноатчилар ичидан битта-яримтасининг бундан хабари борми?
— Агар улар билишмайди десалар, мен ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардим.
Палмер бош ирғади.
— Навбатдаги савол: ўтган сессияда бўлимлар ҳақидаги таклиф қандай барбод бўлганди? Бу ғалабани Бэркхардтнинг шахсий ғалабаси деб қай даражада ҳисоблаш мумкин?
— Оббо! Сиз жуда нозик саволлар бердингиз-ку.
— Мен жудаям бир чигал калаванинг учини  топмоқчиман.
— Мен айтардимки... ҳм-ҳм... нима дердим? — ўзидан сўради жувон. — Ўтган йили қонун чиқарувчи мажлис таклифга деярли баб-баравар муносабатда эди. Овоз бериш ҳар икки томонга оғиб кетиши мумкин эди. Келишмовчиликлар партиявий белги бўйича юзага келмаганди, бироқ мухолифат асосан чекка штатлардан бўлгани учун республикачилар эди; омонат банклари тарафдорлари асосан штат марказидан бўлиб, демакки, демократлар эди. Кейин эса... — Жувон жимиб ўйга толди.
— Кейин-чи?
— Келганлардан бири ўрнидан турди-да,  партиявий ягоналикка чорлади.  У омонат банклари — майда одамлар банки, демократик партия — уларнинг партияси бўлгани боис, худо ҳақи, келинглар, республикачилар ва тижорат банкирларининг иблисона иттифоқига қарши бирлашайлик ва таклифни илгари сурайлик, деб таъкидлади.
— Бу маърузанинг бирон таъсири сезилдими?
— У кутилмаганда можароли масалани партиядан ташқаридаги партияга айлантириб юборди. Таклифда сўзга чиққан озгина республикачилар думларини қисиб қолишди ва бирлашган республикачилар қанотида унга қарши овоз бердилар; бу нутқдан кейин уларда бошқа йўл қолмаганди.
— Демак сиз, — ўсмоқчилади Палмер, — маъруза у қадар таъсирчан бўлмади демоқчисиз, шундайми?
— Ҳаддан ташқари бемаъни нутқ бўлди.
— Уни тағин сал бошқачароқ қилиб тавсифлаб беролмайсизми? — сўради Палмер.
— Ўта ўзига хос.
— Сиз бу таклиф тарафдорининг номи учун унинг имкониятларини бу қадар густохона барбод этаётганидан ҳайрон бўлгандирсиз?
— Жуда топиб айтдингиз, шеф.
Палмер юзини тириштирди.
— Шу “шеф” деган сўзни бошқа эшитмай сиздан.
— Яхши, босс.
— Давом этинг.
— Кечирасиз. — Жувон кулиб қўймоқчи эди-ю, бироқ дарҳол ўзини қўлга олди. — Узр. Азбаройи қизиқаётганим учун, илтимос, сизга малол келмасин-у, бир нарсани сўрамоқчиман, сиз нимага ишора қилаяпсиз... мистер Палмер?
— Ўзингизни босинг, — деди йигит насиҳатомуз. — Яна бир нечта қутқули саволларим бор. Бу йил Жо Лумис ўзининг Бэркхардтга нисбатан навбатдаги мурожаати билан яна ҳамма нарсани ҳаракатга келтирганини қаёқдан биласиз?
— Бэркхардт буни ҳеч кимдан яширмас эди. Сиз бизнинг бахтиёр даврамизга келиб қўшилган пайтдаёқ у ғазабдан ўзини қўйгани жой тополмай қолган эди.
— Ғазабга ҳам келганди, курашни охирига етказишга онт ҳам ичганди, шундайми?
— Худди шундай.
— Бултур партиявий якдиллик сари бу ғалати даъват эълон қилинганида ЮБТКдан биронта одам нима учун қонун чиқарувчилардан бири бутун сафарбарликни барбод этишга тўсатдан жазм қилиб қолди деган гапни айтмаганми?
— Менимча, у ғирт маст деган ягона фикрга келишганди.
— Ростданми?
— Унинг бай пули қўяётгани кундай равшан эди. Лекин у бу ишни бунақа лўттибозликка йўл қўймасдан кўп йиллардан бери адо этиб келарди.
— Яна қандайдир тахминлар борми?
— Бизникилардан бири унга бир даста пул кўрсатганмиш.
— Шундай бўлиши мумкинми? — тиниб-тинчимасди Палмер.
— Биласизми, мен реклама бўлимининг кичик бир одамиман, фолбин эмасман.
— Мен эса сизни чинакам кельт жодугари деб юрардим.
— Фақат қоронғи тушгандан кейин.
— Ҳа. Энди эсладим.
— М-м...
Улар жимиб қолишди.
— Нима ҳам дердик, — деди сўнгра Палмер. У хўрсинди-да, жувонга қараб жилмайиб қўйди. — Калаванинг учи қўлимга кирди десам бўлаверади. Борди-ю, бир силтасам, худди кўзбойлоғичнинг сеҳрли таёқчасидай бутун калавани чийратиб юборади.
— Марҳамат, маэстро.
Йигит ички алоқа телефонига узанди-да, “Элдер” тугмачасини босди. Бир сониядан сўнг интеркомда Гаррининг хирилдоқ овози янгради:
— Нима гап, Вуди?
— Тафсилотларни четлаб ўтишга мажбурман, Гарри. Кеча тилга олинган ажойиб битим бизга даставвал қачон таклиф этилганини айта оласанми?
— Йигирма йиллик...
— Тафсилотларсиз, — унинг сўзини бўлди Палмер.
— Ҳа. Яхши. Ўйлаб олишим керак. Тағин келиб-келиб тонг саҳардан-а.
— Тортинмай ўйлайвер.
— Ўйлаяпман, ўйладимам, — тишининг орасидан деди Элдер. — Топдим.
— Хўш?
— Бу қайсидир корхонани молия билан таъминлаш ҳақидаги музокараларни қайта бошлаш муносабати билан ўн саккиз ойлар муқаддам содир бўлганди-ёв. Ўшанда, менимча, ҳеч ким бу таклифга жиддий эътибор бермаганди.
— Лэйн Бэркхардт ҳаммадан кам қизиққанмиди?
— Айниқса Лэйн. У бу таклифни жуда ҳам аҳмоқона, бунақасини умримда кўрмаганман деганди.
— Ҳамма ҳам бунга ҳазилга ўхшаган бир нарса деб қараганмиди? — сўради Палмер.
— Фақат кечаги узун сочли дўстимиздан ташқари ҳамма.
— Албатта. У бу битимни ҳозирги шаклида қачон тақдим қилганди?
— Бир йилча аввал. Балки, ундан камроқми-ей.
— Лэйн ҳамон буни ҳазил деб юрармиди?
— Энди ундай деб ўйламаётганди, — деди Элдер. — Бундоқ ўйлаб қарасаки, бу жиддий нарса экан. Жиддийлиги шунчаликки, у шартта рад этди уни. Бунк идораси розилигини олиб, албатта.
— Ҳозир бу таклиф яна кўтарилаяптими?
— Барра бодрингдай беғубор. Фақат бу гал пули кўпроқ.
— Хўш? — Палмер сукутга чўмди. — Улар ўз таклифларини янгидан барбод бўлишига замин тайёрлашмоқчи деса бўладими?
— Йўқ, бундай эмас, — деди Элдер. — Шунчаки йил ўтиб кетди. Уларнинг режалари кенгайди, уларга кўпроқ шу керак. Мен буни тушуна оламан. Наҳотки сен тушунмаётган бўлсанг?
— Нега тушунмай? Бўпти, раҳмат, Гарри.
— Кеча кабаредаги томоша ҳақида нима дейсан? — сўради Элдер.
— Менга столда — дастурхон устидаги томоша кўпроқ ёқди.
— Вуди, сен тутуруқсиз йигитчага ўхшаб қолаяпсан аста-секин. Бу, биласанми, тутуруқсиз чолдан кўра ёмон.
— Мен тутуруқсиз эмасман. Шунчаки қизиқувчанман.
— Мен билмайдиган бирон нарсани биласанми? — қизиқсинди Элдер.
— Дангал айтаман: ҳеч нарсани.
— Тутуруқсиз чолнинг бошини қотирма, Вуди.
— Хаёлимга ҳам келгани йўқ.
— Келаси сафар валақлаш касалинг хуруж қилиб қолганида, менга хабар қил. — Ички алоқа ўчириб қўйилди.
Виржиния Клэри жимиб қолган интеркомга қараб турарди.
— Булар бари нимани англатади?
— Яна бир дунё қалтис саволлар.
— Сиз билан Элдер кеча оқшом бир жойда бўлганмидингиз?
— Бэркхардт ва Мергендал, хотинларимиз ва яна бир нечта меҳмонлар билан бирга эдик.
Жувон интеркомдан нигоҳини олмаётганди, бироқ унинг кўзлари хиёл торайди.
— Ҳаётингиз ҳодисаларга ҳаддан ташқари тўлиб-тошган, мистер Палмер, — деди у.
— Мен бу зиёфатга кечикиб бордим. Бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.
— Ростдан эсингиздан чиққанмиди?
— Ростдан. Зиёфатгача бир иш бўлдию калламга ҳеч нарса келмабди.
Жувоннинг жим турганини кўриб, Палмер стол оша унга эгилди-да, қоғозларни бир четга суриб, деди:
— Бир нима десангиз-чи.
— Аввал ўйлаб олай, кейин айтаман. — Охири жувон кўзларини кўтариб, унга қаради. Палмер унинг хижолатда қолганидан кўра кўпроқ жаҳли бурни учида турганини кўрди.
— Тўғриси ҳам шу-да. Зиёфат бутунлай эсимдан чиқиб кетибди.
Бир сониядан сўнг жувоннинг чеҳраси хижолатдан қизарди. У тескари ўгирилиб, хўрсиниб қўйди.
— Жинниман, — деди Виржиния — Ҳатто нега жаҳлим чиққанини ҳам билмайман. Бу аҳмоқлик бўлмай нима? — У кўзининг қири билан йигитга қараб қўйди-да, яна ундан нигоҳини олиб қочди: — Илтимос, бунга эътибор қилманг.
— Сиз-чи?
— Унутаман, — ваъда берди жувон.
Улар узоқ жим қолишди.
— Жин урсин, кечиринг мени, — бирданига деди йигит охири. Жувон қаддини ростлади ва жилмайишга ҳаракат қилди. — Ҳаммаси жойида. — Сўнг нафасини ўнглаб, бошини кескин силтади: — Энди яхши. Қани, беринг ўша қалтис саволларингизни. — Жувон яна бошини дадил силкиб қўйди, гўё бу билан унда энди ҳақиқатан ҳам ҳаммаси жойида эканини тасдиқлагандек.
— Бўпти. — Йигит столнинг ўзи қоғозлардан холи қилиб қўйган жойга қаради. Холи жой ҳозир Палмернинг шуурини банд этган фикрнинг ўзи каби мунгли ва якранг кўринар эди. Бўшлиқни тўлдириш учун у беихтиёр бир қанча дуч келган қоғозни ўша жойга суриб қўйди.
— Ғоям шу қадар оқилона ва шу қадар аҳмоқонаки, шундай нарсани ўйлаган каллам каллами ё ошқовоқми, ўзим билмайман.
— Менда синаб кўра қолинг.
— Сиз, ростданам, бу ғоям тўғрилигини синаб кўришдан чўчимайдиганим ягона одамсиз! — У қўли билан юзини аста силаб қўйди. — “Жет-Тех” биздаги ҳаддан ташқари катта ва паст фоизли, жуда узоқ муддатли меъёрдаги пул заёми тўғрисида музокаралар олиб боришга уринаётганини эшитсангиз, билмадим, қандай аҳволга тушасиз?
— Қанча экан ўша пул?
— Сизнинг ўзингизни деб мен на пул миқдорини, на меъёр фоизини сизга айта оламан. Тушунгандирсиз?
— Ҳа. Мени ўзим билмаган нарса ҳақида валақлашда айблаш мумкин эмас.
— Ҳамма гап шунда.
— Унда, сизнинг Гарри Элдер билан қилган суҳбатингиздан келиб чиқадиган бўлсак, улар бу заёмни олишмоқчи эмаслар деб ўйласам бўларкан-да?
— Сиз бунга қандай қараган бўлар эдингиз?
— Менми... — Жувон саросимага тушгандай йигитга қаради. Унинг кўзлари аста кенгая бориб, оғзи ярим очилди. — Мен сўраган бўлардимки... — Жувон бошини чайқади: — Йўқ.
— Давом этинг.
— Мен ўз-ўзимдан Жо Лумис ҳақида сўраган бўлардим, — деди ниҳоят Виржиния ҳайратли оҳангда баланд овоз билан. — Сўраган бўлардимки, Лумиснинг бир вақтнинг ўзида ҳам Жет-Тех тарафини, ҳам омонат банкларнинг бўлимлари ҳақидаги таклиф тарафини олиши нимани англатади, деб.
— Шунда нима деб жавоб берган бўлардингиз? — сўради Палмер.
— Мен... мен билмайман. Ҳақиқатан ҳам билмайман.
— Мен ҳам. — Ҳайҳотдай хонада Палмернинг овози маъюс жаранглади. У йўталиб қўйди. — Ҳозирча билмайман, — қўшимча қилди у.
Сўзлар катта хонанинг тўрида бўғиқ акс садо берди. Узоқ жимликдан кейин Виржиния турди. Унинг юзида, гўё ҳеч гап айтилмагандай, ҳеч қанақанги маъно йўқ эди. Шундай бўлса-да, Палмер бунда қандайдир бошқа нарсани, гўё ҳеч нарса бўлмаганини намойишкорона тасдиқловчи ясама бетарафликни пайқади. Жароҳатга малҳамни англади. У хиёл жилмайиб қўйди ва бу ҳаракат унинг лабларини деярли оғритиб чўзгандек бўлди.
— Демак, — деди у, — шунчаки нимадир айтиш жоиз бўлганидан.
— Ўз жавобларим билан сизга ёрдам бера оламанми? — сўради жувон.
— Ҳозирча йўқ. Сиз, ҳарҳолда, ёрдам бериб бўлдингиз.
— Мен сизга ёрдам бермоқчиман.
— Мен ҳам сиздан илтимос қиламан. Хотиржам бўлинг.
— Ишонсам бўладими?
— Ҳа, — қатъий деди йигит.
— Унда мен машинкам олдига қайтай, — деди жувон. — Э, ҳа...
— Нимайди?
Жувон қўлини ўз кўйлагининг ёқасига суқди.
— Бу ерда бир нима бор, — деди у. — Мана. Бу сизники. — Жувон унинг йўқолган тўғноғичини олди ва йигитга узатди.
— Эҳ худойим-ей! — У тўғноғични олди. — Раҳмат.
Жувон бош ирғаб қўйди.
— Мен уни ўзимда олиб қолмоқчи бўлган эдим.
— Лекин у ерда эмас. Бирон жойингизга санчилиши мумкин.
Жувон яна бош ирғади: — Биламан. — Жувон аста ўгирилди-да, эшик томон йўналди. — Санчиб олиш мумкин, шунда тўғрироқ бўлади. — У эшикни очди-да, чиқиб кетди.


Ўттиз иккинчи боб

Палмернинг котибаси тушга яқингина охири Бэркхардтни топишга муваф¬фақ бўлди.
— Лэйн, — деди Палмер гўшакка, — келинг, бирга нонушта қилайлик.
— Мен шаҳарнинг бошқа чеккасидаман, Вуди.
— Мен сиз билан ўша ерда кўришаман.
— Сени шунча узоққа овора бўлиб келиб юришингни истамайман, Вуди.
— Ҳечқиси йўқ. — Палмер чап қўлининг галстук тўғноғичини олдинга ва орқага айлантириб ўйнаётган бармоқларига қаради. — Ярим соатдан кейин, хўпми?
Бэркхардт бир лаҳза иккиланди.
— Унда ўзим келаман.
— Ихтиёрингиз.
— 12.40. “Юнион лиг”да.
— Йўқ, — эътироз билдирди Палмер, — молиявий нусхаларга тўлиб-тошмаган бирон жой бўлса.
— Махфий гапинг борми?
— Жуда унақа эмас, — ишонтириб деди Палмер. — Жорий ишлар ҳақидаги ҳисоботларга ўхшаш бир нарса. Яқин бир неча ҳафта ичи мен иш билан у ёқ-бу ёқларда бўламан, сиз билан баъзи нарсаларни маслаҳатлашиб олмоқчи эдим.
— Вуди, сен менинг ҳеч қанақанги маслаҳатимга муҳтож эмассан, буни ўзинг биласан-ку.
— Келинг, сийқаси чиққан йўлдан сал четроқда кўришайлик. Иккинчи авенюда, менимча, қирқинчи кўча атрофида тамадди қилиб олса бўладиган бир ресторанча бор.
— Бу айтганинг сийқаси чиққан йўллардан шу қадар узоқки, нақ тупканинг тубида, — деди Бэркхардт. — Бўпти, Вуди. Сенинг, афтидан, олди-қочди китоблардаги саргузаштларга ишқибозлигинг ҳали ҳам қолмабди.
— Ишқибоз бўлмаган борми ўзи? — сўради Палмер.
Бэркхардт жавоб беришга улгурмай, у гўшакни илди. Шаҳар телефони тугмачасини босди, маълумотлар хонасидан ресторан телефонини аниқлади, у ёққа қўнғироқ қилиб, чоғроқ дастурхонга буюртма берди.
Соатига қаради, ҳали вақти жуда кўп эканини кўрди ва ўриндиққа чалқа ётди. Ҳали вақт кўп экан, ўйлади у. У ўзида жанг олдидаги кескинликни, айниқса, чуқур ҳис қилмоқда эди — атрофдаги одамларга қаттиқ таъсир, қатор мақсадсиз, бир чақага қиммат ҳаракатлар — ишқилиб, фикрни олдинга ўқдай отилиб кетишдан сақлаб қолиш учун қилинадиган ҳар қанақанги чалғитувчи найранг. У тўғноғични стол устига ташлади ва оппоқ бошча тез айланиб, кенг ёй ҳосил қилаётганини кузатиб турди. Кейин уни яна туртди ва бошчанинг айланишини яна томоша қила бошлади.
Эрталабдан бери Палмернинг миясида шу фикр айлангани-айланган: агар ўз шубҳаларини Бэркхардтга очиқдан-очиқ айтиб солса, тўғри қилган бўлармикан? Бу ўқ кўрган чумчуқ ростдан ҳам кўп нарсани билармикан? Агар у ҳеч нимадан бохабар бўлмаса, унинг ғазаби кутилмаган янгилик тақдим этармикан? Ишга фақат зарар етказиши мумкин бўлган бирон ҳаракат қилиши учун йўл очиб берармикан? Борди-ю, Бэркхардт бирон  нарсани билса ё ҳис этса, унинг иштироклари Палмернинг шубҳаларига чек қўя олармикан? Ёки улар унга алмисоқдан қолган гаплардай бўлиб кўриниб, Бэркхардтни Палмерга қарши  тиш қайратиб қўярмикан?
Албатта, улар ҳақиқатдан йироққа ўхшаб кўринади, шу қадар йироқки, кишининг ақли бовар қилмайди, шундай бўлса-да, уларда қандайдир маъно бор, ўзича қатъий фикрга келди Палмер. Ҳа, энг ёмони шундаки, уларда барибир қандайдир маъно бор.
Палмер тўғноғични олди ва уни нима қилсам экан деб ўйланиб қолди. Галстугига тўғнаб олгани ҳам худди шунақа эди. Ортиқчасини стол тортмасига ёки чўнтагига солиб қўйса бўлади. Ёки ахлат саватига қараб улоқтирсинми? Улоқтирса нима бўлибди? Мошдеккина сопол бошли бир бўлак темир-да. Наҳотки, у бу тўғноғични хотира сифатида асрайдиган даражада аҳмоқ бўлса? Эй худо! У бошқа тўғноғичларга қўшилиб кетади-да, бори ҳам, йўғи ҳам бир гўр бўлади-қўяди.
Виржиния бўлса уни асраб қўймоқчи. Бу унга нега керак экан?
Палмер тўғноғични кўкрак чўнтагига солиб қўйди-да, ўрнидан қўзғалди. У тез юриб катта дераза олдига келди ва қуёшли қиш манзарасига разм солди. Гарчи дарахтлари қип-яланғоч бўлса-да, Сентрал-парк тинч ва осуда, инсон қўли билангина яратилган олий даражадаги санъат асаридек кўринар эди. Бирмунча муддат Палмер чўғдек қизил пальто кийган бўйдор малласоч аёлни кузатиб турди, у “Боквит” дўконидан чиқди-да, “Плаза” томон юриб кетди. Шу масофадан ҳам аёлнинг бўйи роса 180 см келишлиги билиниб турарди. Агар пальтоси рангини айтмаса, бу Эдис ҳам бўлиши мумкин эди. Бу ҳам Эдисга ўхшаб катта-катта одимлар билан шахдам юриб борар, сочи ҳам Эдисдақа ялтироқ ва қўлини ҳам шунақа бурчаксимон қилиб силтар эди. Аёл олий даражада мафтункор кўринарди.
Қизиқ, борди-ю, агар бу янги пальто олган Эдиснинг ўзи бўлиб чиқса, мен ўзимни қандай ҳис этган бўлардим, деб ўйлади Палмер. У аёлнинг пошнаси баландлигини чамалаб кўрмоқчи бўлди. Кўзи ўткир бўлгани билан шунча ердан туриб буни ҳатто чамалашнинг ҳам иложи йўқ эди. Бироқ унинг ҳозирги юриши ҳеч бўлмаганда Виржиния Клэри туфлисига ўхшаш жуда баланд пошнали туфли кийиб олганига Палмернинг имони комил эди. Эдис эса жуда нари борганда беш сантиметрча келадиган пошнали туфли кияди. Демак, бу Эдис эмас. Лекин у жуда ҳам жозибадор эди.
Қуриб кетсин бу гапларнинг бари, ўйлади Палмер деразадан шартта ўгирилар экан. У бирданига ҳаддан ташқари кўп нарсалар ҳақида хаёл сурадиган бўлиб қолибди ўзиям.
Палмер пальтосини кийди-да, банкдан чиқиб, шарқ томон йўл олди. Иккинчи авенюга етиб борди ва ресторангача шу йўлдан анча юрди — бунгача уни биров зимдан кузатаётибдими ё йўқми, бемалол билиб олса бўларди.
Кун унча совуқ бўлмаса-да, изғиринли шамол юзга урарди ва Палмернинг кўзи ёшлана бошлади. Пештахтага қарамоқчи бўлган одамдай у маҳалла ўртасида тўхтади. Бир маҳалла ўтиб, бу усулни яна такрорлади.
Кун совуқ, аммо қуёшли бўлганидан одамлар кўчада сероб эди. Улар ленчга борар ёки ўша ёқдан қайтар эдилар, мусаффо осмон, йўлак асфальтининг жимир-жимир ёғдуси, ўтиб кетаётган машиналар ойнасидан ҳаммаёққа ташланаётган қуёш шуълаларининг ўйноқи аксидан завқланганча тез ва шахдам қадам ташлар; кийимларини ҳилпиратган шамолдан завқланиб юриб борар эдилар. Палмер бундай завқни туймаётган эди.
Лекин у ўзига нисбатан ишончсизликни ҳис этмоқда эди. Ўз шубҳаларини минг бир тарозига солиб, улардан хатолар топиб, хулосалар чиқариб, ўзини ғирт аҳмоқ санаб ва ҳатто жинни ҳисоблаб, у шу нарсани англай бошлаган эдики, ўзининг асосий фикрини тасдиқлаш учун ҳаддан ташқари кам исботга эга экан. Модомики шундай экан, буни Бэркхардтга изҳор қилишнинг нима кераги бор? Ҳеч бўлмаганда биргина кескин исбот бўлиши шарт. Шундай  хаёллар билан у бурчакдаги телефон будкасига кирди ва ўз маклерига қўнғироқ қилди. Уларнинг суҳбати қисқагина бўлса-да, бироқ Палмер учун ниманидир ойдинлаштиргандай бўлди.
Ресторангача ярим маҳаллалик йўл қолганда у ортидан ҳеч ким кузатмаётибдимикан деган ўйда яна бир текшириб олди ва ҳеч қандай ғайриодатий нарса пайқамади. Шу топ миясига унинг шубҳаси адолатлими ё йўқ, бундан қатъи назар, ўзимни муттаҳамларча тутаётибман, деган ўй келди. У ресторанга таъби тирриқ бир ҳолда кириб келди, ўз столчасини топди-да, виски буюрди.
Бэркхардт кириб келганида Палмер аллақачон иккинчи стаканга ўтиб улгурганди. Гарчи кечиккани учун чолдан ғижиниб ўтирган бўлса-да, у барибир дастлабки енгил ва мазмунсиз суҳбатни очилибгина ўтказди. Ресторан камбаргина хонада жойлашган бўлиб, “Н” ҳарфининг иккала оёғига ўхшаш иккита хонага ажратилганди. Қачонлардир илгари деворларга манави ерда юзтача одамнинг кулгили башаралари чизиб ташланганди. Сувратлар тагидаги ажи-бужи имзолар улардан биронтасининг кимлигини билишга халал бермасди. Асл қаҳрамонлари кимлигидан бехабар Палмер сувратларнинг кимлигини билиш учун Нью-Йорк аҳли бўлиш керак деб беҳуда тахмин қилмоқда эди.
— ... Биқин гўштига гап йўқ, — дер эди бу орада Бэркхардт.
— Бу жой ҳақида менга Гарри Элдер айтганди, — изоҳ берди Палмер. — Мен сизни бу ерда бўлгансиз деб ўйловдим.
— Бу ерда-я? Бу ерда ҳеч ҳам бўлмаганман илгари, — Бэркхардт гўштдан катта бўлак кесиб олди-да, санчқи билан уни икки буклади ва ликобчадаги тиниқ қизил шарбатга ботириб олиб, ея бошлади. — Ў-ў, мазалигини қаранг.
Бэркхардт тез-тез чайнаб, тез-тез ютар эди. Сўнг санчқини қўйди-да, Палмерга қаради. Унинг митти тўғноғич боши санчиб қўйилгандек қорачиқли оч мовий кўзлари ҳозир катталашгандай туюлиб кетди. Мана, нечанчи мартаки, ўйлади Палмер, қизиқ, нима учундир Бэркхардт ҳар доим чарақлаган қуёш ва қаттиқ шамолга беткай туриб юриб келаётган одамни эслатарди.
— Бошла, Вуди. 1.30 да мен шаҳарда бўлишим керак.
— Жадвалингиз шунақа тиғиз пайтда сизни бу ерга судраб келганим учун узр сўрайман.
— Қўявер. Нимани ҳам яширардик. Гапир.
Палмер энди учинчи стакан вискини майда-майда ҳўпларди.
— Олдин айтганимдай, бунда ҳеч қанақа сир-асрор йўқ деб ўйлайман, — тушунтирди у. — Фақат миямга келиб қолди-да, биз ҳар доим бир хил ресторанларда овқатланиб ўрганганмиз ва... — У елка қисиб қўйди. — Мен сизга ўзимнинг нотиқлик сафарим истиқболи ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Мен уни Мак Бернс истиқболи дегим келади.
— У билан муносабатларингиз қандай?
— Зўр.
— Хурсандман. — Бэркхардт овқатга оғзини тўлдириб гапирарди. — Бу митти юнон билан бирга ишлаб кета олиш учун сенинг муомала қилиш қобилиятинг борлигини билардим.
Палмер бир бўлак гўштни индамай чайнаб еди. Сўнг:
— Ливанлик билан, — деди. — Мадомики, сиз уни шундай деб ўйлар экансиз, жин урсин, сиз уни нега ёлладингиз?
— Мажбурликдан. У демократларга калит.
— Демократлар бутунлай омонат банклари тарафдорлари ва бизларга қарши-ку. Уларга ҳеч қандай калит тўғри келмайди.
Бэркхардт бошини чайқади-да, яхши чайналмаган луқмани ютиб юборди.
— Ишонмайман бунга. Шундай бўлганида Жо Лумис Бернсни ўзи ёллашга ҳаракат қилмасди.
— Бу қачон бўлган эди?
Бэркхардт қўлини кенг ёйиб силтади:
— Миш-мишлар қулоғимга ўтган баҳорда чалинганди. Жо Бернсни омонат банклари учун ёлламоқчи эди. Агар демократлар шунчалик якдил бўлсалар, уларнинг жипслашувлари учун шунча пулни исроф қилишнинг нима ҳожати бор эди? Бундан ташқари, Бернс бизнинг реклама агентлигимизда жамоатчилик билан муносабатлар бўйича бўлимни бошқаради. Бундан ҳам аниқроқ нима бўлиши мумкин?
— Лумис Бернсни ёлламоқчи бўлган деб ким айтди сизга?
— Аҳамияти йўқ. — Бэркхардт яна бир бўлак гўшт кесиб оғзига солди-да, чайнай бошлади. — Жин урсин, буни ўзинг ҳам билиб олаверсанг бўлади. Арчи Никос ўшанга шама қилганди.
Палмер олдинга энгашди-да, ўз бошлиғига янада тикилиброқ қарай бошлади.
— Никос шунақа ахборотларнинг ишончли манбаси эканми?
— Э худойим-ей, бўлмаса-чи. Худди Гибралардай ишончли.
— У Лумисга сизга яқин бўлгандай яқинми?
— Мен фақат бир нарсани назарда тутаяпман, — уқдириб деди Бэркхардт. — У бирон нарсани хабар қилганида, бу ғоятда аниқ бўлади. — Бэркхардт чайнашдан тўхтади. — Сенга нима бўлди, Вуди?
— Шунчаки қизиқиш.
— Кўнглингда бошқа гап борга ўхшаяпти. — Бэркхардт аста бош чайқаб қўйди. — Халқаро банк ишлари билан шуғулланувчи бу арбоблар таклиф учун фақат биттагина дастакни топиб олишган: кафолат. Агар улар ЮБТКдай катта банкларнинг қулоғига лағмон ила бошласалар, ўзларининг навбатдаги банк ишлари учун пулни қаердан оладилар?
— Бошқа банклар ҳам бор. Суғурта компаниялари ҳам бор, хайрия жамғармалари ҳам бор. Мамлакатда оқилона фойдаланишни кутиб ётган пуллар тўлиб-тошиб ётибди.
— Вуди, қачон эсинг киради? Агар ўзининг асосий пул манбаларига панд бериб кетганида, Арчи Никосни шунча узоқ сақлаб турган бўлармиди? Нима бўлганда ҳам, жин урсин, сен нимага шама қилаяпсан ўзи?
— Мен сизга айтдим. Оддий қизиқувчанлик. Нима учун Бернсни ёллаганингизга қизиқаётувдим-да.
— Энг аввало, уни Лумис ёллаб олмаслиги учун.
— Ўзидан кейин ўрнига қўйиш учунми?
Бэркхардт бош ирғади.
— Кўнглинг тўлдими?
— Ҳаддан ташқари. Умримда биринчи марта. Қулоқ солинг, — давом этди Палмер. — Менинг нотиқлик сафаримда ортиқ маркиз Квинзберри1 нинг қатъий қоидалари бўлмайди. Мен омонат банкларига қўлимга тушган ҳар қандай нарсани, агар у анча залворли бўлса, отишга тайёрман. Аммо бошлашдан олдин мен сиздан қанчалик чуқур кириб бориш мумкинлигини аниқлашим керак.
— Истаган чуқурликкача кириб боравер. — Бэркхардтнинг оқиш мовий кўзлари қисилди, табассумдан тишлари тиржайиб кўринди. — Охир-оқибатда мен сени ҳар доим ишдан ҳайдашим мумкин:
— Жумладан, — давом этди Палмер гўё эшитмагандай, — директорларингиз ва уларнинг департаментлари фаолият доираси қанчалик чуқурликка эга ўзи? Агар бир ғишт ташласам, одамларимиздан бирининг бошига бориб тегиши мумкин-ку?
— Эҳтимол. Менга, масалан, бунинг фарқи йўқ.
— Ҳиссадорларимизга нисбатан қанақа? — тиниб-тинчимасди Палмер. — Директорларга нисбатан сизнинг санкциянгизни олдим, бизнинг акцияларимизга эгалик қилган сохта бевалару етимларга нисбатан қандай?
— Ҳеч қандай муаммо йўқ.
— Сизнинг муносабатингиз менга ёқади. Генерал жанг арафасида ўз аскарларига дейди: “Улар сизга зарар етказа олмайдилар”. Нима бўлганда ҳам акцияларнинг йирик халталарини ким ушлаб турганини тушунтириб берганингизда яхши бўларди.
Бэркхардт гўштини еб тугатди ва аста-аста чайналганча ҳузур қилиб ўзини стул суянчиғига ташлади.
— Буни ҳамма билади, Вуди. Ўзингни ҳеч нарсадан хабари йўқдай қилиб кўрсатиб нима қиласан?
— Сизнингча, бунга вақтим мусоида этадими?
Бэркхардт елка учириб қўйди.
— ЮБТК акцияларини ҳар ким ҳам ола билади. Ҳар кимнинг ўз улуши бор. Менда 90.000 акция бор, худди шунчадан Гаррида ҳам, Клиффда ҳам, бошқа вице-президентларда ҳам бор. Ўзаро ёрдамнинг йирик жамғармалари ва инвестиция банкларида ҳам кўп акциялар бор. Мен нима дейишим мумкин, Вуди? Бундай акциялар ўзини муносиб деб топган ҳар қандай одамда бор. Бошқа банклар ЮБТК акцияларини ушлаб турибдилар, суғурта компаниялари ҳам. Маклерлар ЮБТК акцияларини ўз мижозларига сотмоқдалар, чунки мижозлар ЮБТКни талаб қилмоқдалар. Грестларнинг жамғармалари. Нафақахўрларнинг жамғармалари. Мубашширлар беваларининг аллақандай дафн жамғармаси 20.000 акцияга эга экан. ЮБТК акциялари ҳаддан ташқари мустаҳкам. 1933 йилдан буён биз дивидендларнинг битта ҳам тўловини ўтказиб юборганимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса дивидендлар қарийб 60 фоизга ўсди. 1954 йилда биз ҳатто акцияларни майдалаб юбордик. Агар 1945 йилда акционер ЮБТКнинг 100 долларлик акцияларига эга бўлса, бугунги кунда унинг маблағи 240 долларни ташкил этаяпти. Ҳамма ЮБТКни сотиб олмоқда. Биржада бизнинг акцияларимиз энг барқарори. Ғиштларни улоқтирганингда кимни мўлжалга олганингни мен қаёқдан билай? Такрор айтаманки, бу ҳақиқатан ҳам бир чақага қиммат. Бизнинг мулкларимиз шу қадар кенгки, бизга зарар келтирмоқ учун кўнглингдагидай катта бўлакни ушатиб ололмайсан.
— Сиз таваккал қилиш ва бундан нима чиқаркин, деб қараб туриш керак демоқчимисиз?
— Бўпти. Фараз қилайликки, шундай. Лекин мен бир нарсани тушунмай турибман, бу сени нега ташвишга солмоқда? Нега айнан ҳозир? Нега бирданига?
Бэркхардтнинг кўзлари катта-катта очилди, бу ҳам бир лаҳзагина, қорачиқлар нурдан қисилгунча давом этди, холос. Палмерга бу кўзларда намойишкорона такаббурликдан бошқа яна нимадир йилт этгандек бўлди. Балки, у буни эшитдимикан ё? Бэркхардт ҳаддан ортиқ қизишиб кетмадимикан? Ёки Палмернинг ўзи исботларни қидириб, уларни аслида йўқ жойдан топмадимикан?
Жавоб ўрнига Палмер ликобчани суриб қўйди, ўзини орқага ташлади ва сигарета тутатди.
— Cўнгги вақтларда мен биржадаги аҳволни кузатдим, — ёлғонлади у, ҳозиргина маклеридан олган маълумотларга таяниб. — Биласизми, — давом этди у, — ЮБТК акциялари аҳволи билан қизиқиш учун бир амаллаб вақт топишга ҳаракат қилаяпман. Мен ҳар куни сотувга қанча акция келиб тушишини текшираяпман. Аста-секинлик билан бўлса ҳам, аммо активлар мунтазам ўсиб бормоқда.
— Сенинг кўзларинг меникидан ўткирроқ, — кескин оҳангда жавоб берди Бэркхардт.
— Сиз ҳеч нарсани кўрмадингизми?
— Мен одатдаги актив талаби ва таклифини кўрганман, холос. ЮБТК акциялари бошқа акциялар қатори жадал сотилмоқда ва сотиб олинмоқда. Аммо жадаллик умумий. Бу бевосита ЮБТКга дахл қилмайди.
— Мен бунга ишонмайман.
— Вуди. — Бэркхардт санчқини шундай кескин қўйдики, Палмер чўчиб тушди. — Бу ўзи, жин урсин, гапни қаёққа бураяпсан?
— Модомики сиз бу фаоллик рисоладагидай дедингизми, мен сизнинг сўзингизга ишонишим керак.
— Ишонавер, жин урсин, — шартта деди Бэркхардт.
— Яхши, — ён берди Палмер. — Келинг, сўнгги бир неча ойни олайлик. Акция баҳолари бироз тушди. Унинг биржадаги нархлари тебраниб турибди. Шундай кун ва ҳафталар бўладики, ЮБТК акциялари кўпайиб кетади, шундай кун ва ҳафталар бўладики, улар озайиб қолади. Бу беқарор бозор. Вақти-вақти билан нарх кўтарилиши кузатилади, чунки уларда кўплаб тажрибасиз ҳаваскорлар иштирок этадилар. Аммо нархни тушириб ўйнайдиган чайқовчилар ҳамон фаол ва вақтинчалик вазиятдан ўз манфаатларига фойдаланиб қоладилар. Агар сиз ҳисоботларни ўрганган бўлсангиз, кўплаб тарқоқ банк ишларини пайқаган бўлишингиз керак. Мен сизга айтган ҳалиги иккитасини истисно қилганда ёрқин тенденцияларнинг йўқлиги. Биржада нима қилинаётганидан, у ёки бу ҳафтанинг умумий йўналиши қандайлигидан қатъи назар, сиз ЮБТКнинг сотилган акциялари миқдорининг бирмунча ортганини албатта, кўрасиз. Бир неча ой муқаддам кундузги меъёр тахминан соат учларга тенг келган эди. Кеча олти мингтаси сотилганди. Бу битта тенденция. Иккинчиси — бу нарх. Бир неча ой муқаддам у етмиш иккида муқим турган эди. Кеча, биржа ёпилганда, етмиш саккиз эди.
Бэркхардт қўлларини икки томонга ёйди.
— Мен сенга ҳозиргина айтдим, бизлар — биржанинг асосий устунимиз, деб. Ўзинг айт-чи, нима учун бизнинг акцияларимиз шунчалик кўп жамғармаларнинг портфелларида бор? Агар жиладиган бўлсак, юқорига қараб жиламиз. Аста-секину аммо бир текис жиламиз. Энди бунақа сафсаталарингга бало борми? Ундан кўра муддаога ўтиб қўя қол.
Палмер лабларини қимтиди.
— Мени гапдан чалғитишга уринманг, — совуқ оҳангда деди у. — Бу қўлингиздан келмайди.
Бэркхардт унга узоқ қараб қолди. Сўнг ЮБТК Президентининг юзида қандайдир ўзгариш юз берди. Кўзлари атрофидаги қорамтир ажинлар чуқурлашди. Палмер суҳбатдошининг қаншаридаги томирлар бўртганини, пастки жағи олдинга туртиб чиққанини пайқади.
— Гапир, — деди Бэркхардт муздек совуқ оҳангда. — Давом эт. Гапир.
— Мен айтадиганимни айтиб бўлдим, энди навбат сизга.
— Менинг нима дейишимни истайсан? — сўради Бэркхардт. Энди унинг овозида бўғиқ шикоят оҳанги бор эди. — Сен ҳақсан дейишим керакми? Ҳа, эҳтимол, сен ҳақдирсан.
— Унда тушунтириб беринг, бу нимани англатади? — илтимос қилди Палмер.
¬— Агар билганимда... — Бэркхардт хўрсиниғини босди. — Бўпти. Мен буни уч ҳафтача илгари пайқаган эдим. Сен ҳам, афтидан, пайқаган кўринасан, мен олдинги ойларни текшириб чиқдим ва бу анча вақтдан бери содир бўлиб келаётганини кўрдим. Мен тушунтириб берсин деб дарҳол Клиффни чақирдим. У бундай ишлардан доим хабардор бўлиб туриши ва у бирон нарсани сезган заҳоти менга маълум қилиши шарт. Худди менга ўхшаб, Клифф ҳам ҳайрон эди.
— Ахир бу яхши эмас-ку. У билиши керак эди!
— Назарий жиҳатдан шундай. Лекин у бу нарсанинг оддий ҳол эканига ишониб қўйганди.
— Бир дақиқа сиз баён этган кенг мулоҳаза — бу Клифф Мергендалнинг изоҳи эдими? — ўсмоқчилади Палмер.
— Озми, кўпми даражада. Лекин бу унақа бемаъни нарса эмас-да.
— Албатта, — уни қувватлади Палмер, — агар мен каби сизнинг ҳам орқа миянгизда илгаригидай нохуш сезги қолиб кетаётганини ҳисобга олмаганда.
Бэркхардт мийиғида кулиб қўйди.
— Сени нима ташвишга солаяпти, шуни айт, мен сенга ўз  ташвишларим ҳақида сўзлаб бераман.
— Биринчи билмоқчи бўлган нарсам шуки, нима учун Клиффда бундай ташвиш йўқ?
— Клиффни эсдан чиқар! — қўлини силтади Бэркхардт. — Булар ортидан сен нимани кўриб турибсан, мени шу қизиқтиради.
— Эҳтимол, у ерда бирор нарса бордир, эҳтимол, у ерда айтарли ҳеч нима йўқдир. Борди-ю, мана шу нимадир бор бўлса, демакки, кимдир ҳам бор. Мантиқ мени мана шу нуқтага олиб келиб қўйди. Бу ёғига менга ўзимда йўқ далиллар керак. Лекин улар сизда бор.
— Менда?
— Бўлмаса-чи, — деди Палмер қатъий ва сиполик билан. — Сиз мана шу “кимдир”га исм қўйишингиз мумкин. Жуда бўлмаганда ичидан биттасини танлаб олиш учун исмлар рўйхатини беришингиз мумкин. Мен бундай қилолмайман. Сиз эса қила оласиз.
— Кимдан бошлашимни ҳам билмай қолдим. — Бэркхардт ўзини стул суянчиғига ташлади-да, ёнидаги деворга чизилган қизил сувратлардан бирига тикилди. Сувратда симёғочга тирмашиб чиқаётган, тепада ўтирган Женни деган қиз томон талпинаётган қандайдир Чарли тасвирланган эди.
— Қўлингиздан келмайдими, — зўр берарди Палмер, — ёки хоҳишингиз йўқми?
Бэркхардт зимдан унга еб қўйгудай бўлиб қаради. Кўзлари чақнади, қаншаридаги томир бўртди.
— Ўзингни бос, Вуди. Нима деяётганингни ўйлаб кўр, болакай.
— Мен сизни ҳақорат қилмоқчи эмасман, — энди Палмерники ҳам тутиб кетди. — Мен сизга ёрдам бермоқчиман.
— Сендан ёрдам сўрамагандим, шекилли?
— Нега сўрашларини кутиб турар эканман?
— Сен ҳар доимгидай сертакаллуф ва ҳақсан, ўлай агар. — Тишининг орасидан деди Бэркхардт. — Менга ёрдам керак бўлганида, ўзим сўрайман. Аммо қачондир янги келган одам менга ёрдам бермоқчи бўлса, билайки бошимга мусибатнинг зўри тушади. — Афтидан, ўзини жамоатчилик жойида талаб этилгандек тутишга ҳаракат қилганча у аста ўрнидан турди. — Энди қулоқ сол, — давом этди у. — Ажойиб ленчни расво қилдинг. Лекин мен сендан хафа бўлмайман. Кўп бўлмағур гапларни гапирдинг. Буни ҳам эсимдан чиқараман. Фақат бир нарсани тушунишингни истардим: кўчани кесиб ўтишда Бэркхардтга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас. Етакловчи керак бўлиб қолганида, ўзим чақираман. Ҳозир эса, бор, маърузангни ўқи, қолганини менга қўйиб бер. Тушундингми?
Палмер ўрнидан турди.
— Бу сизнинг банкингиз.
— Мана энди сен қандайдир чигал гапни айтдинг, — деди босс. — Яхшиси, буни эсингдан чиқарма. — У қўлини узатди. — Гап орамизда қолсин, хафа бўлиш йўқ, Вуди.
Палмер унинг қўлини олди ва қўпол ва йўғон бармоқларнинг қаттиқ қисганини сезди.
— Сиз нима десангиз — шу.
— Бўпти, — деди босс. — Шошмасак бўлмайди. Сен билан кейин гаплашамиз. Ёки эртага. — У қўлини силтаб қўйди, гардеробдаги кийим илгичдан пальтосини олди ва ресторандан чиқиб кетаётиб ҳайрон қараб турган қизга  25 цент ташлаб кетди.
Палмер деразага қараганча анча туриб қолди. Кўчадан Бэркхардтнинг чорпаҳил қоматини, пальтосини кияётганини наридан-бери кўрди. У кимгадир қўл силтаб қўйди. Сўнг Палмер босснинг транспортдан илгарилаб кўчани кесиб ўтганини, нариги томонда турган ўзининг “роллс”и томон йўл олганини кўрди. Бэркхардт машинага чаққон ўтирди, эшикни ёпди ва елиб кетди. Палмер ўзича то Бэркхардт унинг қўлини қисиб хайрлашганидан ҳозир ғойиб бўлганига қадар тахминан 30 сонияча ўтгандир-ов деб чама қилди.
Шиддатли. Қайсар. Ўзига ишонган. Куйди-пишди.
Шу билан бирга, дилидан ўтказди Палмер, биржадаги ЮБТК акциялари нима бўлаётганини кимдир сезиб қолганидан хабар топиб, оёғи куйган товуқдай питиллаб ҳам қолди.
Официантни қидириб, Палмер у ёқ-бу ёққа аланглади. У йўқ эди. Палмер ўтирди, яна чекди ва сигарета учига тикилди. Ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган қайсар ва бесўнақай чоллар унинг меъдасига тега бошлаганди. Илгарилари бундай ҳолларда у ҳар доим отасига ён берарди ва баҳсли ўринларга бошқа қайтмасди. Лекин бу илгари шундай эди, ҳозир эса — бошқа замон. Бу гал у бошлаган ишини ташламоқчи эмас.



Ўттиз учинчи боб

Палмер отелдагилар кутубхона деб атайдиган чоққина бир хонада ўтирарди. Болаларнинг ухлаганига ҳам бир соатлар бўлиб қолганди. Олти хонали квартиранинг аллақайси бир чеккасида хотинининг нималар биландир куйманиб юргани қулоғига чалинди. Ҳозир “кутубхона” бўм-бўш эди. Нью-Йоркка кўчиб ўтишларида Эдис Чикагода сақлагани қолдиришга кўнмаган сонсиз сувратлару китобларга тўла қутилар ғойиб бўлган. Бугун кундузи, ҳойнаҳой, юкчилар келган ва Палмерларнинг бор буд-шудини квартирадан олиб кетган. Фақат алмаштирилган тоза чойшабу ёстиқпўшларгина қолганди. Эдис билан отел оқсочи барча кастюмлар, кўйлаклар, майда-чуйда кийим-кечакларни пластик жомадонларга жойлашди, шкаф ва ёзув столи тортмасида эртанги кунга асқотиши мумкин бўлган нарсаларнигина қолдиришди. Отелдагилар “мутолаа чироғи” деб атайдиган чироқнинг хира ёғдусида ўтириб, Палмер эртанги кунга хотини қайси костюмни тайёрлаб қўйгани устида бош қотирарди.
У, албатта, Чикагодан Нью-Йоркка, энди эса отелдан уларнинг янги уйга кўчиб ўтишларида ташаббус кўрсатган Эдисдан миннатдор. Уйни эпақага келтириш эса унинг сира-сира қўлидан келмаслиги аниқ эди. Шунча ишларни Эдисдек қойилмақом қилиб уддалаш ҳар қандай аёлнинг қўлидан келавермаслигини ҳам тушунарди Палмер.
Сўнг унинг фикрлари аста йўналишини ўзгартирди-да, ўзининг гуноҳ ва хатолари ҳақида ўйлай бошлади.
Унинг ўзи, дейлик, мана, бир ой бўлдики, қурилишда қорасини кўрсатгани йўқ. Айлантириб келганда, у уйни бор-йўғи икки мартагина кўрган: Эдис билан улар уйни сотиб олишга қарор қилган куни ва иккинчи гал ички деворчаларни қуриб бўлишган куни. Бошқача айтганда, — деди у ўзига-ўзи, — қурилиш ишлари бошлаб юборилгандан кейин у уйга мутлақо эътибор бермай қўйганди. Агар Эдиснинг чизмалари билан апил-тапил танишиб чиққанини ҳисобга олмаса, у ёқда нима қурилаяпти ёки қандай кўринишга эга ва унга ёқадими, йўқми — ҳеч балони билмас эди.
Мана шунинг ўзи, энди билишича, уйга нисбатан лоқайдлик ва ҳатто Эдисга нисбатан шафқатсизликдир.
Дарвоқе, Эдис ҳеч буни унинг юзига солмасди. Асосий ишлар қилиб бўлинган сўнгги бир неча ҳафтада ҳали талай ишлар қараб ётарди, масалан, ошхонадаги плинтус ёнғоқ ёғочидан бўлсинми ё тик ёғочиданми? Оқшомлари эридан унинг хоҳишини аниқлаб олиш учун Эдиснинг вақти бемалол бўларди: ҳа, катта меҳмонхона бўлманинг поли сидирғасига дуб тахталардан бўлгани маъқул. Қопламалар фабрика матосидан эмас, қўлда тўқилганидан бўлсин. Ошхонадаги эса заранг япроғи шаклидаги пластикдан қоплансин; болалар хонасига эса ҳеч қанақанги винил-асбес тахтачалари кетмайди (яланг оёқлар учун жуда совуқлик қилади, яхшиси, эман ёғочидан бўлсин). Лифтнинг ўзи очилар эшиклари учун ўн сония очиқ туриш етарлими? Етарли. Ҳа.
Кутубхонада ўтирар экан, Палмер, мана, икки ойдирки, Эдис оддий пудратчи, чизмакаш-ихтирочилик ишини, шунингдек, меъмор ишининг бир қисмини ўз зиммасига олгани ҳақида фикр юритар эди. Булар барчаси учун мен ундан миннатдор бўлишим керак, деб ўй сурарди Палмер.
Бироқ, астойдил ўйлаб кўрса, аслида у хотинидан миннатдор эмас экан, балки шундай туйғунинг жоизлигини эътироф этар экан, холос. У энди тан бердики, Эдис бошидан сув ўгириб ичса арзийдиган хотин, тамом.
Шундай хаёллар билан Палмер заиф нурдан кўзини хиёл қисганча яна ҳужжатларни ўқишга тутинди. Унинг олдида хромли қисқичлар қадалган ва кўк жилдга солинган тахлам-тахлам қоғозлар ётарди. Бирмунча муддат Палмер уларни варақлади, бироқ кейин унинг хаёли яна чалғиб кета бошлади. Сўнгсиз исмлар ва манзиллар силсиласида қандайдир умидсизлик бор эди. Бэркхардт ҳақ: унча-мунча қўр-қути бор одамлар кўпроқ ЮБТК акцияларини сотиб олмоқда. Ҳозир Палмернинг қўлидаги акционерлар рўйхати манави ерда ярим килоча келади.
Аниқроғи, бу ерда битта қилиб қистирилган иккита рўйхат бор эди. Бири олти ой бурунги аҳволни батафсил изоҳлаб турарди. Иккинчиси ҳозирги вақтни акс эттирарди — бу, албатта, Гарри Элдер қанчалик улгурганига қараб белгиланади, яъни нари борганда ўттиз кун аввалги муддатни қамраб олган.
Биржада ғайриоддий фаоллик бошланганда Палмер бунинг сабабини англаб етди — ҳар куни айланмада ЮБТКнинг тобора кўпроқ акциялари миқдори бўлар эди. Акцияларнинг бир қанча йирик эгалардан кўплаб майда эгаларга табиий ўтиши содир бўлмоқда деб тахмин қилиш мумкин эди. Дейлик, ўн минглаб акцияларнинг эгаси, қандайдир ўзаро ёрдам жамғармаси йилнинг сўнгги чорагида ўз портфели юкини бирмунча енгиллатишга қарор қила олади. Бу минглар охир-оқибатда бир неча юз хусусий харидорларга йўл топиши мумкин. Бундай тахминда гўё мантиқ борга ўхшайди. Бироқ рўйхатларни таққослаб чиқиб, Палмер кўрдики, сўнгги олти ойда акцияларнинг кўпи акционерларнинг оз миқдори қўлида экан. Бу кутилмаган ҳол эди.
У “уҳ-ҳ” деб қўйди ва оғир қоғозлар боғламини тиззасига тушириб юборди. Сўнгги ярим соатни у эски рўйхатда учрамаган исмларни янги рўйхатга қайд этиб қўйишга сарфлади. У аҳволни бор-бўйича аниқ кўз олдига келтира оларди: ярим йил ичида ЮБТКнинг яқин 200 минг акцияси сотув йўли билан уч минг одамдан тахминан 25 нафар одамга ўтган. У бу йигирма беш  нафар янги одамдан биттасини ҳам билмасди ва уларда ҳеч қандай маълум тенденцияни кўзда тутмасди. Ҳатто уларнинг манзиллари ҳам деярли бутун мамлакат бўйлаб сочиб юборилганди.
Палмер эснади ва кўзларини юмди. Қулоғига Эдиснинг хоналардан биридаги шахдам одимлари чалинди.
Эдис. Палмер уйқусираганча қачондир иши учун хотинини мақтаганини эслашга ҳаракат қилиб, икки ой орқага қайтишга уриниб кўрди. Шунга ўхшаган бирон оғиз гапни унга гапирганмикан ҳеч? Нима деганди? У ёки бу баҳона билан соф шартли манфаат ифодасидан ташқари умуман бирон-бир танбеҳ қилганми? Мана бу катта қурилиш борасида қачондир ўз фикрини хотинига баён қилганми? Аслида савол ва жавоблардан ташқари умуман бирон гап гапирганми?
Уйқу қочди. Палмер ўрнидан турди ва акционерлар рўйхатини стулга қўйди. Хотинини излаб, хонама-хона юра бошлади. Уни ошхонадан топди. Эдис очиқ музлатгичга тикилиб қараб турарди. Пастдан тушиб турган ёғдуда унинг ингичка юзи, чўзинчоқ, учли ияги янада яққолроқ кўзга ташланарди. Пардозсиз, енги калта кенг оқ блузка ва хокийранг шим кийган Эдис, банкирнинг хотинига ҳам ўхшамасди, ўйлади Палмер. У нигоҳини хотини шимнинг узун чизиғидан юқорига, болаларча сонидан олиб ўтиб, қора чарм камар таққан белига кўтарди.
— Музхонага ҳеч қандай тажовуз ўтказилмасин, — ҳазиллашди Палмер.
Хотини бурилиб қаради.
— Азизим, — деди у, — кексайганингни ўзинг билдириб қўяяпсан. Ростданам бу “музхона”-ку! — У музлаткичдан ниманидир суғуриб олгани энгашди ва Палмер ҳатто шу ҳолатида ҳам хотинининг думбалари ясси, кесимсиз эканини кўрди. — Бузилмайдиган нарсалар бўлса, бугуноқ ўраб-чирмаб қўя қолсам деб ўйлаётувдим.
— Қолган буюмларга қачон келишади?
— Эртага эрталаб, сен билан болалар кетишгандан беш дақиқа ўтиб.
— Ҳаммаси шунга ҳисоб-китоб қилинганми?
— Ҳали бу ҳолва, — деди хотини гавдасини ростларкан. — Мана, кундузги ишлар сонияма-сония ҳақиқатан ҳам ҳайратомуз даражада ҳисоб-китоб қилинган. Болалар хонаси соат учга тайёр бўлиши керак. Бизникилар сабр қилиб туришади.
— Ўзинг болалардан ортмасанг ҳам керак.
— Турган гап. — У ярим бурилди, лекин эрига қарамади. Музлатгич ичидан чиқиб турган нурда унинг қомати мафтункор акс этиб турарди — мўъжазгина сийналари дўппайган, қорни шу қадар яссики, белидаги камар тўғаси ортиқча буюмдай кўриниб қолган.
— Бошқаларнинг ишлашларини томоша қиламиз деб оёқ остида ўралашиб юришларини хоҳламайман — бусиз ҳам улар деярли ҳеч нарса қилишмаяпти, — қўшимча қилди Палмер.
— Улар банд бўлишади. — Хотини жимиб қолди. — Эртага соат нечада кутай сени?
— Соат... —Палмер ҳам жимиб қолди. — Аниғини билмайман. Агар истасанг, эртароқ келишим мумкин, бир амаллаб.
— Бир амаллаб келсанг, яхши бўларди, ҳарқалай.
Палмер бош ирғади ва шу заҳоти хотини унинг ҳаракатини пайқай олмаслигини англади, чунки у ҳамон унга қарамаётган эди.
— Менга бирон-бир махсус топшириқ борми?
— Биласан-ку, эртага эрталаб миссис Кейж келади.
— Эртага келадими?
— Соат 12 да у Айдлуайлдда бўлиши керак. Мен унга тўғри уйга такси ол деб айтдим. Агар учаламиз оқшомни шунга бағишласак, китобларни тахлар, сувратларни осар ва кўримли бўлиши учун турли услубдаги мебелни жойлаштирар эдик.
Палмер  аста оҳ тортиб қўйди:
— Бутун оқшом сувратларни осиш. Зўр-ку.
— Осмаймиз. Наҳотки осиш устаси бўлмаган одамга мен бу ишни шундоқ ишониб топшириб қўяверсам.
— Сенинг мутахассисларча ишлаб чиққан режанг барча санъат асарларини осишни кўзда тутмаганми ҳали? — сўради Палмер. Гапини охирига етказмаёқ у сўзларидаги ошкора  саркашликни ўзи ҳам аниқ ҳис этди. — Айтмоқчи эдимки, — шошиб гапини тўғрилади Палмер, — шифт чироқлари наҳотки ўрнатилмаган бўлса?
Бу гал аёл бурилиб унга қаради. Ёруғ унинг орқасидан тушиб тургани боис, Палмер хотинининг юзидаги ифодани ўқиб ололмаётганди.
— Вудс, — хотиржам оҳангда деди Эдис, — чироқлар кўчма, уларни истаган вақтда истаган жойга тўғриласа бўлаверади.
— Мен, мен ундай...
— Ҳечқиси йўқ, — унинг сўзини бўлди хотини. Қандайдир чорасиз ҳаракатни бошлаб, аёлнинг қўллари юқорига кўтарилди ва ўша заҳоти қотиб қолди. — Ҳечқиси йўқ. — Эдис орқаси билан унга ўгирилди ва тағин музлаткичга тикилди. — Лекин илтимос, уйга тушликка келишга ҳаракат қил. Бу бизнинг янги уйимиздаги биринчи тушлигимиз бўлади.
— Албатта.
Яна бирон нарса айтар деб ўйлаб, Палмер кутиб турди. Лекин хотини жим эди. Шунда Палмер биронта жўяли гап топиб, суҳбатларига кўнгилли хотима ясашни ўйлай бошлади. Хотинига қараб туриб, у бирданига Эдиснинг қаттиқ жаҳли чиққанини англади, акс ҳолда унинг музлаткич эшигини бу тахлит узоқ очиқ тутиб туришини бошқа нима билан изоҳлаш мумкин? Эдиснинг билмаган нарсаси йўқ деса бўларди; онаси ва оқсоч хотиндан ҳам у одатдаги, Уэллесли коллежидан ҳам одатдаги билим ва уқувларни олган эди. Бироқ Палмер унинг ўзига хос ва мос бўлмаган маълумотларни қаердан олганлигини билолмай боши қотгани-қотган эди. Эдис, масалан, электрга оид ҳаддан ташқари кўп нарсаларни биларди. Ўзига таниш бўлган аёллар ичида электр печкаси, чангюткич ва торшерни битта розеткага тиқиб бўлмаслигини, акс ҳолда қисқа туташув рўй беришини биргина у билар эди. Музлаткичда ҳароратнинг муайян даражасини тиклаш учун қанча вақт кетишини ҳам биларди. Шундай бўлишига қарамай, мана, неча дақиқадирки, музлаткич ҳамон очиқ турарди.
— Бориб ишимни тугатиб қўяй, — деди Палмер.
— Яхши. — Хотини соатига қаради. — Бироздан кейин ётсак ҳам бўлади.
— Мен тезроқ бўлишга ҳаракат қиламан.
— Дуруст.
Палмер бурилди-да, бу ерга нега келганини эслаб, тўхтади.
— Менга қара, — аста деди у, — сен роса чарчаган бўлишинг керак. Ҳозир бориб ётсанг нима қилибди?
— Ҳозир ётаман.
— Охирги икки ой ростданам оғир бўлди.
Юпқа оқ блузка остидан Палмер салқи тақилган камар узра унинг белини кўрди. Гўё умуртқаси бир хил ҳолатда маҳкамланиб қўйгандай Эдис қийшиқ ҳаракат билан хиёл ўгирилди.
— Ҳа, — босиқ оҳангда жавоб берди у пастга, ерга қараганича.
— Мен сенинг режанг ва сенинг раҳбарлигинг остида нималар қилинган бўлса, ҳаммасини назарда тутаяпман, — давом этди Палмер. — Бу  катта иш эди. Ҳаммаси деярли охирига етиб, сенинг қанчалик бахтиёр эканингни тасаввур қилаяпман.
— Ҳа.
— Бу ёққа қара, мен... — Палмер жим бўлиб қолди ва хотини кўрмаётганидан хурсанд бўлиб, пастки лабини ялаб қўйди. — Мен илгари сира айтмагандим. Аммо ҳаммаси учун сендан жуда-жуда миннатдорман.
Аёл бош ирғаб қўйди. Унинг нигоҳи ҳамон ерда эди.
— Мен буни биламан, — деди ниҳоят у.
— Буни қаердан билишингга ақлим етмайди, — деди эр ярим ҳазил тариқасида гапиришга уриниб, — ахир ўз миннатдорлигимни изҳор этишга жуда нўноқман-да.
Эдис бошини чайқаб қўйди:
— Бундай эмас. Фақат сен мантиқан фикрловчи одамсан. Ҳар қандай мантиқан фикрловчи одам эса сен нимани кўрсанг шуни кўриб туради. Ва миннатдорликни ҳам... — Аёл жим бўлиб қолди. Палмер унинг лаблари бир лаҳзада унсиз қимирлаганини кўрди, — ҳис қилади, — гапини тугатди Эдис.
— Мен ҳис қиламан, жуда чуқур миннатдорлик туйғусини ҳис қиламан ва мен... — ўз фикрини сўзларсиз ифода этишга ҳаракат қилиб, у қўлини силтаб қўйди.
— Ва бу моддани ўз ҳисоботингга киритмоқчи бўлгансан, — деди аёл эри учун.
— Тахминан шундай.
Эдиснинг нигоҳи юқорига ва бироз четга, Палмернинг юзига сирпаниб борди.
— Ҳисобот бериш сен учун жуда ҳам муҳим, Вудс. Банкир учун бу энг асосий нарса, шундай эмасми?
— Қайсидир даражада, ҳа.
— Ҳисобот, — такрорлади хотини унга қарашда давом этаркан, — бу, аслида, якун чиқариш. Мен, ҳалиги... йиллик балансни назарда тутаяпман. Сизларда буни нима дейди? Якуний чизиқми?
— Якуний чизиқ. Ҳа.
— Якуний чизиқдан ташқари деярли ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — хотини шу қадар паст овозда гапирар эдики, яхшироқ эшитиш учун Палмер ҳатто энгашишга мажбур бўлди. — У ишга хотима ясайди. Бунгача ҳамма нарса бўлиши мумкин: яхши ҳам, ёмон ҳам, ажойиби ҳам, азоб-уқубати ҳам — ҳар қанақаси. Якуний чизиқ қора сиёҳда тортилдими, демак ҳаммаси жойида.
— Ана, холос... — Палмер ҳиссиётининг бирмунча муддат ҳавода осилиб туришига изн берди, чунки гарчи хотинининг адоватини яққол ҳис этиб турган бўлса-да, унинг нимага шама қилаётгани тагига етолмаётганди. — Мен ҳеч қачон дебет ва кредитни бу қадар завқ билан изоҳлашганини эшитмаганман, аммо сен ҳақсан деб қўрқаман. Якуний чизиқ — фақат шу аҳамиятга эга.
— Бундан ҳам муҳимроғи шундаки, у кредитни кўрсатиб турса.
— Ҳа.
Хотини бош ирғаб қўйди:
— Яхши. Сен қора якуний чизиқ тортдинг, азизим. Омадинг бор экан.
— Эдис. — Палмер хотинининг гавдаси ростланганини ва ўзини яқинлашиб келаётган  ҳужумдан сақлашга чоғлаётгандек яна ҳам таранг тортилганини кўрди. — Мен сенга нимани ҳис қилаётганимни айтмоқчи эдим, холос.
— Айтдинг ҳам.
— Хўш?
— Раҳмат, азизим. — Аёл яна ерга тикилди. — Жиддий айтаяпман. Раҳмат.
— Сен менга раҳмат айтма, мен айтишим керак сенга.
Хотини қисқа, кескин кулиб қўйди:
— Алфонс ва Гастон жўмардларча бир-бирини ҳурмат қилганларидайми?
— Тағин мени кексалигингни билдириб қўяяпсан дейсан-а.
Аёлдаги таранглик йўқолгандай бўлди ва у эрига бурилди. Палмерга ҳатто хотини чеҳрасида табассум жилва қилгандай туюлди.
— Бизлар нимадан изтироб чекишимизни топмоқчи бўлгандим, холос, — деди Эдис. — Нью-Йорк касаллигидан экан. Аломатлари — бошқалар билан муносабатнинг мутлақо йўқлиги. Сабаби эса — қаттиқ толиқиш.
— Эҳтимол, сен ҳақдирсан.
— Лекин индин, — давом этди хотини, — ёки ҳеч бўлмаганда, ҳафтанинг охирида, батамом ўрнашиб олганимиздан кейин, мен дам олмоқчиман. Шунчаки дам. Сен-чи?
— Ҳозирча йўқ. Маърузали кичикроқ сафарим қараб турибди.
— Уҳ!
— Олбанидаги қонун чиқарувчи йиғилиш мажлисларининг танаффусигача яна шунақа сафарлар бор.
— Қайсиси қачон бўлади?
— Мартми. Апрелми. Аниғини билмайман.
— Азизим, бу тўрт ойдан кўпроққа чўзиладиган кўринади-ку.
— Илож қанча...
Аёл жимгина тураверди, сўнг қошини чимирди, орқага чўзилди-да, музлаткич эшигини ёпди.
— Узр, — деди у шу заҳоти. — Балки, якшанба ва байрам кунлари бироз дам оларсан?
— Худо хоҳласа.
— Дуруст. Ишингни тугат-да, ухлагани кел.
Палмер жилмайишга ҳаракат қилди:
— Бўпти, бироздан кейин кўришамиз.
— Жудаям ҳаяллама.
Палмер кутубхонага қайтди ва яна ўриндиққа чўкди. Қизиқ, хотини атайлаб кескинлик яратди-да, кейин ўзи уни юмшатди, гўё у эрига ғаним эмас, балки унинг тарафида — иттифоқдошдай.
Палмер ЮБТК акционерлари рўйхатини варақлай бошлади ва ўзи қандайдир ҳисоб-китоблар қилган шалдироқ қоғозга етиб келди. Ҳеч бўлмаганда,  деб ўйлади Палмер, ўз миннатдорлигимни қайд этиб қўйдим-ку. Бироқ бу миннатдорликни қабул қилган хотинининг шамаси уни бир пулга чиқармоқда эди.
У ўриндиққа жойлашиброқ ўтириб олди-да, саҳифа рақамларини кўчира бошлади. Эртага эрталаб у котибасини ЮБТК акцияларининг сўнгги йигирма бештаси исм-шарифи ва манзилларини қайта ёзишга мажбур қилади. Бироқ бу ишни унга топшириб қўйиб, бу ҳақда Бэркхардт воқиф бўлмаслигига ишониш мумкинмикан?
Палмер банкдаги бирон-бир кишига, албатта, Виржиния Клэридан бошқа, ишониб бўлмаслигини тушунарди.
У Эдиснинг музлаткични яна очганини эшитди. Палмер қоғозлардан бош кўтарди ва кутилмаган зўриқишни ҳис этган қандайдир номаълум нарсага шай бўлган ҳолда атрофидаги зулматга тикилди. Мана шу кескин мунтазирликда у узоқ ўтирди. Аммо нима эканлигидан қатъи назар, ўша нарса келмади. Ҳозирча.



Ўттиз тўртинчи боб

Палмер Ғарбий Қирқ бешинчи кўчадаги балиқ ресторанининг тўрида тўрт кишилик столда ўтирарди. У соатига қаради, сўнг фарқини билиш учун девордаги соатга қаради. Униси ҳам, буниси ҳам кундузги бирни кўрсатиб турарди, бу эса Мак Бернс ва унинг меҳмони, газета мухбири, ярим соат кечикаётганини билдирарди.
Палмер официантнинг қўшни столда ўтирган иккала кишига виқор билан қоғоз ошхўрак — салфетка тақишини кузатди. Уларга ҳозиргина ленч учун ҳаддан ташқари улуғлик қиладиган омар балиғи тортилганди. Бор-йўғи ўн беш дақиқа муқаддам бу балиқлар тирик эди ва официант уларни буюртмачиларга кўрсатгани олиб келганида, балиқнинг панжалари жон талвасасида титраб турганди. Энди эса ҳаракатсиз қизил омарлар турли-туман ўлим қуроллари ҳамласига дучор бўлганди.
АҚШ Ўрта Ғарбининг кўпгина аҳолиси каби Палмер ҳам денгиз туби жониворларидан тайёрланган таомни хуш кўрмасди. Чиғаноғи бўлган ҳар қандай жониворга унинг тоб-тоқати йўқ эди. Омарлар, креветкалар ва краблар унга жаҳаннамдан чиққан улкан ҳашаротларга ўхшаб кўринарди. Чиғаноқнинг бир палласида тортиладиган устрица ва моллюскалар унга куйдириб пиширилган шиллиққуртнинг ўзидек туюларди. Бундан ташқари, Ўрта Ғарбнинг кўпгина аҳолиси каби, у бир нарсага сира кўниколмаётганди, яъни Нью-Йоркда кўришувга белгиланган вақтдан жуда ҳам нисбий даражада фойдаланадилар, айниқса кўришувда жамоатчилик фаолиятининг, дейлик, ленч каби тури кўзда тутилганда. Соат 8 га мўлжалланган учрашув ҳеч қачон тўққиздан олдин бошланмасди. Соат 12.30 га тайинланган ленч эса, ўзига ўзи дерди Палмер, соат бирдан кейинги ҳар қандай вақтни билдираверади.
Шу аснода унинг кўзи қандайдир эркак ҳамроҳлигида ресторанга учиб кирган Виржиния Клэрига тушди. Жувон тезгина ичкарига кўз югуртирди ва Палмерни кўриб, унинг столи томон ошиқди.
— Узр, кечикиб қолдик, — деди у нафасини базўр ростлаганча. — Мак менга ўн беш дақиқа олдин қўнғироқ қилиб, келолмаслигини айтди. Шунинг учун “Стар”га чопдим-да, Жоржни ўзим олиб келдим, — Жоржни кўрсатиш учун у бир четга ўтди.
Палмер ўрнидан турди.
— Мистер Моллеттмисиз? — деди у қўлини узатиб.
Жорж Моллетт Палмернинг қўлини олиб, уни қаттиқ ва бетакаллуфларча қисди. У атрофга кўз югуртирди, пальтосини ечди ва ўтиришидан олдин уни стулга илди.
Моллетт кўриниши ёш бир киши эди — қирқларда бўлса керак, ўйлади Палмер. Бўйи ўртача, чорпаҳилдан келган, боши дум-думалоқ. Юзи нотабиий даражада қизил. Ўзи шунақами ё декабр совуғи натижасими, Палмер тушунолмади. Моллеттнинг кўзлари худди Бэркхардтга ўхшаб оқиштоб мовий рангда бўлиб, ўйнаб турарди, шу билан бирга синчков ҳам эди. Афтидан, нарсадан нарсага кўчганида улар қисқа, ўтли нигоҳлар билан тасаввурларни қамраб олаётгандай бўларди. Хоҳ Виржиниянинг столидаги қовуштирилган қўллари бўлсин, хоҳ туздон ёки қўшни столда омархўрлик қилган, кўкракларига ошхўрак таққан одамлар бўлсин ва ҳаттоки Палмер кўйлагининг ёқаси бўлсин — ҳеч бир нарса бу ўзига хос кўзлар ҳамласидан четдан қолмаётганини Палмер пайқади. Кўзларидаги бу синчковлик, Палмернинг фикрича, Моллеттнинг аниқ бир шаклга эга бўлмаган, кўпроқ илдизпиёзга ўхшаб кетадиган бурнига сира ҳамоҳанг эмасди. Бу ноёб бурун синчков кўзларни хаспўшлаб туриш учун махсус яратилган, деб ўйлади Палмер. Меҳмоннинг оғзи кичкина, лаблари дўрдоққина эди. Ўша оғизни очиб, Моллетт чийилдоқгина дадил овозда сўради:
— Нима ичамиз биз?
Палмер кулиб юборди ва официантга қўл силтади.
— Бемаврид совуқни қаранг-а, — деди у. — Биронта антифриз буюрайлик бўлмаса, хўпми?
— Виски. Ҳар қанақаси. — Моллетт Виржинияга ўгирилди: — Мак жуфтакни ростлатди-да, а? Худди ўйлаганидай бўлиб чиқди, мен билан нонушта қилишга унинг бети чидармиди.
— Нимага ундай дейсиз?
Ёқимсиз ҳидни ҳайдагандай, Моллетт қўлини сермади.
— Ўтган ҳафта бу йигитча ёлғон биржа маълумотлари билан мени ёмон тузлади. — У олдинга энгашди, тирсакларини столга қўйди, овозини пасайтирди: — Жиннининг ҳам хаёлига келмайдиган гаплар. Эмишки, дивидендлар ошиши эълон қилинармиш, акциялар қўлма-қўл бўлиб кетармиш. Эмишки, икки ҳафта ичида даромадлар икки баравар кўпаярмиш. Ҳализамон 80 миллион долларга ҳукумат шартномаси эълон қилинармиш ва шунга ўхшаган сафсаталар. Эшитиб, сочинг тикка бўлди.
— Сен сотиб олмагандирсан? — сўради Виржиния.
Моллетт бошини чайқади ва жилмайди:
— Азизам, агар мен умуман қачондир акция сотиб оладиган бўлсам, ҳар қандай одамдан маслаҳат сўрасам ҳам Мак Бернсдан сўрамасман. У буни газетамизда ёзиб чиқишимга умид қилганди. Мақола эса акциялар нархини кўтариш учун керак эди. Оддий ўйин. Бундан кулгили нарса бўлмаса керак. — У башарасини буриштирди.
— Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, — жуда жиддий оҳангда деди Виржиния, — Нью-Йорк журнализми тарихида учрамаган воқеа.
— Ҳаҳ! Аммо биз “Стар”дошлар бунақа воқеаларга илакишмасликка ҳаракат қиламиз.
— Бошқа газеталардаги учарлар шунақа нарсалар билан шуғулланадилар, тўғрими, Жорж?
Жорж жувонга қовоғи остидан қараб қўйди-да, Палмерга юзланди:
— Сиз ажабтовур бир нарсага эга бўлдингиз. У банкни эгалламасдан қўймайди.
Палмер официантга ичимликлар буюрди.
— Кимдир барибир шуни қилади, — деди у. Моллеттнинг кўзлари бирданига дум-думалоқ бўлиб қолди ва Палмерга тикилди:
— Тушунмадим.
Палмер бошини чайқади ва Виржинияга мурожаат қилди:
— Мак нима деб таърифлаганди? Қўрқоқликми?
— Соат бирда у Олбанига учиб кетаяпти.
— Макнинг бўлгани шу, — тасдиқлади Моллетт. — Аэродромга етиб олиш, икки моторли шалоқ машинада учиш, кейин эса аэродромдан шаҳар марказига етиб олиш учун кетадиган вақтига, ўша ёққа поездда ҳам етиб олса бўларди-ку. Лекин Мак ўлақолса бундай қилмайди.
— Тезликнинг ўзи, — деди Палмер, — гоҳо тезлик ҳақидаги хаёлчалик бўлмайди.
— Хаёл эса, — қўшимча қилди Моллетт, — агар сиз Мак Бернс бўлсангиз, воқеликдан кўра анча муҳимроқ.
Орага чуқур сукунат чўкди. Сукунатга ғарқ бўлиб кетаётганини ҳис қилган Палмер деди:
— Қизиқ, модомики сиз Мак ҳақида шундай фикрда экансиз, у сиз билан бугун қандай қилиб ҳам бирга овқатланарди?
Моллетт тўртбурчак бармоғи билан Палмерни кўрсатиб, ўзининг чийилдоқ дадил овозида деди:
— Менинг бу ердалигим — сизни кўриш учун, бас. Тўғрисини айтсам, Мэкки Ножнинг Олбанига учиб кетганидан ўзимда йўқ хурсандман.
Виски келтиришди. Палмер ўз стаканини кўтарди.
— Душман ўрдасидаги саросималик учун!
Моллетт ширин жилмайди:
— У ким бўлишидан қатъи назар!
— Сизга нимани сўзлаб беришим мумкин? — сўради Палмер.
— Сиз бир нарсани ҳисобга олишингиз керак, — гап бошлади Моллетт, — банк ишлари билан шуғулланадиган йигитчамиз таътилда. Менинг соҳам бошқа. Ҳозир мен сиздан интервью олиш вазифасини бажараяпман, холос. Ёнимда бир неча минг саволдан иборат унча катта бўлмаган рўйхат бор.
— Қайси мавзуда?
— Омонат банклари бўлимлари ҳақидаги таклифни қандай қилиб барбод қилмоқчисиз?
— Матбуот учунми?
Моллетт кафтини юқорига қилиб, иккала қўлини олдинга чўзди.
— Бунинг учун менга ҳақ тўлайдилар.
— Лекин менга бунинг учун ҳақ тўлашмайди-да, — эслатди Палмер. — Бир қанча шундай масалалар бўйича норасмий гаплашиб олганимизда мендан бахтли одам бўлмасди. Аммо матбуот учун мен сизга айтмоқчи бўлган гаплардан бир абзац нарса чиқса ҳам катта гап.
— Келинг, шундан бошлай қолайлик.
Палмер бироз виски ичиб олди.
— Биз қўлимиздан келганча тез ва ғайрат билан одамлар онгига шуни етказмоқчимизки, миллий иқтисодиётимизнинг ҳозирги босқичида омонат банклари пулларнинг боши берк кўчаси бўлиб қолган; шахсий омонатлар — яхши нарса, аммо бундай омонатлар кўпайиб кетаверса, албатта, яхши бўлиши шарт бўлмай қолади; омонатларнинг мунтазам ўсиши аслида иқтисодиётнинг табиий ривожланишини қийинлаштиради; шундай қилиб, омонат банкларининг босқинчилик талаблари жамият манфаатига зиддир.
Моллетт бироз ўйланиб қолди, сўнг стаканни кўтарди.
— Мен силтаб ташламоқчи эмасман, — деди у музли вискига қараб, — аммо сиз айтган гаплардан биронтасини шов-шувли янгилик деб атай олмасдим.
— Биламан, — унга қўшилди Палмер, — бироқ матбуот учун бошқа ҳеч нарса айтолмайман.
Моллетт хўрсинди.
— Унда, келинг, норасмий гаплашайлик. Агар мен арзийдиган бир нарса кўра олсам, биз буни бошқатдан ёзиб чиқамиз-да, расмий тус берамиз. Майлими?
— Ҳар ҳолда, бир синаб кўрсак ёмон бўлмасди.
Моллетт бош ирғади-да, Виржинияга қаради:
— Банкир учун ёмон эмас. — Ўша-ўша ширин жилмайганча у яна Палмер томонга ўгирилди. — Матбуот учун эмас. Ҳозиргина баён этган бўлмағур гапларингиздан ҳеч бўлмаса биттасига ўзингиз ишонасизми?
Палмер кинояли жилмайди:
— Матбуот учун эмас, “бўлмағур” — бу топиб айтилган сўз эмас. Бу ерда “заҳарлаш” сўзи кўпроқ мос келади. Бироқ — ҳамон матбуот учун эмас — мен айтган нарсалар иқтисодий сиёсат ясаладиган Вашингтонда ва бошқа олий доираларда муқаддас ҳақиқат саналади.
— Банкир бўлишингиз ўлароқ сиз шахсий кредитни чексиз равишда кенгайтиришга қандай қарайсиз?
— Уни инкор этиш учун банкир бўлмоқ мутлақо шарт эмас, — жавоб берди Палмер. — Ўз мамлакатининг фаровонлигини қадрловчи ҳар қандай одам бунинг телбалик эканини билади. Бошқа томондан, бу одам шуни ҳам биладики, — қўшимча қилди у, — кредитни қисиб қўйиб, биз шундай иқтисодий исканжа ичига кириб қоламизки, бунинг олдида 1929 йилги бўҳрон секин чалинувчи вальсга ўхшаб қолади. Жуда-жуда кеч бўлади. Йўлбарсни думидан тутдингми, энди уни қўйиб юбориб бўлмайди.
— Жуда яхши, — деди Моллетт. — Иқтибос келтирсам майлими?
— Арзимайди.
— Йўлбарснинг думи борасидаги таърифни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин, — давом этди репортёр. — Масалан, Таммани йўлбарси1  олдида рақс тушадиган банкка нисбатан. Ҳатто воситачи сифатидаги Мак Бернсга эга бўлиб туриб ҳам.
Палмер қошини чимирди:
— “Рақс тушадиган” иборасини аниқроқ изоҳлаб бера олмайсизми?
— Уни қайтиб олдим. Келинг, бошқача айтайлик — Таммани таъсиридан ўз иқтисодий мақсадларида фойдаланадиган банк.
— Бу ҳақда мистер Бэркхардтдан сўрашингизга тўғри келмасмикан деб қўрқаман. Мак Бернс менинг саҳнада пайдо бўлишимдан анча олдин ёллаб олинган.
— Агар мен Бэркхардтдан илтимос қилгудек бўлсам, — эътироз билдирди Моллетт, — у менга ўшқириб бериши тайин. Мен сиздан сўраётганим сабаби шундаки, сиз соғлом фикрли одамга ўхшаяпсиз. Сиз банкирнинг замонавий намунасини ўзингизда намоён қилгансиз, — қўшиб қўйди у Виржинияга кўз қисиб, — ҳамкорлик қилишга ҳозиру нозирсиз ва умуман олий даражадаги заковат соҳибисиз.
— Мақтов сўзларингиз мақоладан бошқа сиз учун ҳамма нарса қилиб бера олади, — жавоб берди Палмер. — Яна ўшандай матбуот учун эмас — мен Бернс ва Таммани билан алоқани мерос қилиб олганман. Бунда қандайдир мантиқ бор. ЮБТК сизнинг саволларингизга ўхшаган саволларга ўрин қолдирмайдиган қилиб иш кўрмоғи лозим, холос.
— Бошқача айтганда, Таммани билан ҳамкорлик қилиш сизга ёқмайди, шундайми?
— Мен қарши эмасман, фақат мен уни ўйиннинг асосий қоидаларидан бири деб биламан, холос.
— Уҳ-ҳ, — деди Моллетт. У яна Виржиния томон ўгирилди: — Келаси сафар мен ундан интервью олганимда қаламни хонада қолдиришимни эслатиб қўй.
— Бунақа тикка саволлар бермагин-да, — маслаҳат солди Виржиния.
— Биз норасмий гаплашаяпмиз. Чегара — осмон билан ерча, хўпми? — деди у Палмер томонга ўгирилиб.
— Сўранг.
— Ҳа, албатта-да, — кулди Моллетт, — яна қанақа йўл билан бирон нарса билиб олардим? — У столга шунчалик чуқур энгашиб олдики, вискили стакан унинг кўкрагига қисилиб қолди. — Бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз: сиз Мак Бернсга ишонасизми?
— Ишонмаслигим керакми? — уни қайириб ташлади Палмер.
— Касодгарчилик борасидаги ишларни олиб борувчи судлар унга ишонадиган одамларга лиқ тўла.
— Тушунишимча, унинг мижозларидан кўпчилиги анча бой одамлар бўлган.
— Мен айнан ана шундайлар ҳақида гапираётибман ҳозир, Макнинг сиёсий таъсиридан фойдаланиш ниятида унинг олдига танда қўювчи чакана-чуканалар ҳақида эмас. У бундай одамларнинг аямай сиқиб сувини ичди ва агар улардан лоақал бир фоизгинаси қачонлардир ҳукумат шартномасини олган бўлса, ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардим.
— Бундай одамларга кўзингиз тушганида юрагингиз қонга тўлмайди, шундай эмасми? — сўради Палмер. — Бундай ўйиннинг моҳияти шундан иборатки, юракни сиқиб, қонини ичувчи одамнинг юраги тошдан бўлиши керак.
— Тўғри. ЮБТК га нисбатан мени худди шу нарса ташвишга солади.
Палмер яна официантни чақирди.
— Қайтаринг.
— Зўр, — рози бўлди Моллетт.
— Меники — бас, — деди Виржиния.
— Айтмоқчи, ейишга у-бу буюрсак қалай бўларкин? — қўшимча қилди Моллетт. — Мен озроқ омар оламан, қовурилганидан ва янги сабзавотдан салат ҳам. Сен-чи, Жинний?
— Ньюбургча омар.
— Пушти мағиз бифштекси, чала қовурилганидан, — деди Палмер. — Қанақа газак бўлсин?
— Менга ҳеч нарса. — Моллетт бошини бир ёнга солинтирди. — Биласизми, у буюртма олиб кетганида мен сизга яна ўша саволни бераман?
— Худди шундан қўрқиб турувдим, Виржиния!
— Раҳмат, омардан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
— Бўлди. — Палмер официантнинг узоқлашаётганини кузатиб турди. — Сиз, — деб давом этди у, — ЮБТКнинг кўнглида ўғирликка мойиллик бор экан, деб ўйлаяпсизми?
— Кўнглида шундай мойиллик борга ўхшаб иш тутиляпти деяпман.
— Сизнинг банк ҳақида бундай ўйлашингиздан ҳайронман. Банк бизнеси — бу инсониятга маълум ягона қонунлаштирилган ўғрилик эканини наҳотки билмайсиз?
Моллетт тугмадеккина семиз лабларини бужмайтириб, босиқ жилмайди.
— Сиз менинг саволимга ҳазил билан чап бериб кетмоқчимисиз?
— Бўпти. Буни бошқача ифода қилиб беришимга ижозат беринг: ўтган йилларда Олбанида штат чеккаларидаги қонун чиқарувчилар тижорат банкларини ҳомийликка олдилар. Нью-Йорк қонун чиқарувчилар омонат банкларини афзал деб топдилар. Агар биз Таммани ёрдамида бир қанча ньюйоркликни ўз ўрдамизга авраб киритиб олсак, бу ўғрилик бўладими?
— Бу Тамманининг қайси йўл билан сизга ёрдам кўрсатишига боғлиқ.
— Бу энди Тамманининг иши.
— Ана-ана, — тилидан тутди уни Моллетт, — менинг бир қора танли дўстим айтганидай, айни илмоқли жойга келдик. Сиз қандай йўл билан фойдаланишингизга жавобгар эмассиз деб Тамманини пул билан таъминлаяпсиз.
— Бунга пулнинг нима дахли бор? Биз Бернсга дурустгина гонорар тўлаяпмиз. Бироқ бу гонорар битта-яримта қонун чиқарувчини сотиб олишга етиши амри маҳол.
— Сиз ҳеч қачон... — Моллетт жим бўлиб қолди ва бошини чайқади. — Албатта, йўқ. Бошқа ҳеч ким ҳам. Мен бир нарсани сўрамоқчи эдим: сиз қачон бўлса ҳам Макнинг шахсий кирим-чиқим дафтарини кўрганмисиз? Ўйлашимча, у уни ҳатто онасига ҳам кўрсатмаса керак. Бироқ борди-ю, агар унга кўзингиз тушгудек бўлганда, Макнинг балиқдай сукут сақлашга қодир шериги бор эканидан хабардор бўлган бўлар эдингиз. Бу индамас, кўринмас, мавжуд эмас шерик Макнинг даромадларидан каттагина бўлакни ўзига олади. Ҳеч ким ҳеч қачон буни исботлай олмайди, бироқ исми бору жисми йўқ бу шерик — Виктор Сальваторе Калхэйндир.
Палмер елка қисиб қўйди.
— Сизнинг шундай ўйлашга ҳаққингиз бор. Бироқ бу нарса нима учун Мак Бернсдан бошқа бирон одамни ташвишга солиши керак?
— Сизни ҳайрон қолдиришнинг ўзи бўлмайди, а? — ҳаяжон билан деди Моллетт. — Сиз халқ сайлаган вакиллар овозини сотиб ола билиши учун кимга пул бериш ғоясида ножўя ҳеч қанақа нарса топмайсизми?
— Албатта, — унга қўшилди Палмер. — Бунда ҳам, урушда ҳам, очарчиликда ҳам, вабода ҳам қандайдир жуда ҳам ножўя бир нарса бор. Лекин булар бари ҳаётий ҳодисалардир. Ножўя, аммо бор нарсалар.
— ЮБТК сўнгги вақтларда, — куруқ жавоб қилди Моллетт, — бирон-бир урушни, очарчиликни ёки ўлатни молия билан таъминлаганини эшитмаганман.
— Тамманини ҳам молия билан таъминламаймиз. Агар билишни хоҳласангиз, — давом этди Палмер бир текис ва ҳаяжонсиз гапиришга ҳаракат қилиб, — омонат банклари Мак Бернсни ёлламоқчи бўлишган, лекин биз уни ушлаб  қолдик.
Моллетт жим эди. У официантдан вискили янги стакан олди ва ўзининг тўмтоқ кўрсаткич бармоғи билан уни дастурхонда олдинга ва орқага сура бошлади. Охири у кўзини кўтарди — унинг синчков нигоҳи бир неча марта Виржиниядан Палмерга сакради.
— Бу жуда қизиқ, — паст овозда деди у охири.
— Нима учун?
Моллетт бир неча бор бошини чайқади:
— Интервью олишга изн беринг.
— Афтидан, бу янгилик сизни лол қолдирди, шекилли?
— Йўқ, шунчаки қизиқтириб қўйди. — Моллетт қўлини Виржиния қўлининг устига қўйди. — Сени ҳам бу нарса наҳотки қизиқтирмаса, Жинний?
— Хўп, давом эт, Жорж, айлантирма. — У иккинчи қўлини Моллеттнинг қўли устига ташлади. — Агар бирон нарса биладиган бўлсанг, дўст бўл.
Репортёр яна бошини бир ёнга солинтирди.
— Эшитдингиз-а, — деди у Палмерга, — “Бирон нарса биладиган бўлсанг, бўл. Мен бундан дурустроғини топиб айтолмаган бўлардим”.
Палмер узоқ сукутга чўмди. У бир тахминни айтиш ва шу билан Моллеттнинг ишончини қозониш учун энг қулай пайт келганини тушуниб турарди. Бироқ тахмин шаклида бўлса ҳамки, бундай изҳор хавфли эди. Қулай пайт келганда у биринчи бўлиб эълон қилмаслиги шарти билангина бундай сирни Моллеттга ишонса бўларди. Бироқ Палмер бундай шарт қўйиш учун вазиятни яхши билмаслигини тушунарди. Бундан ташқари, нима учун гапириш керак экан, деб мулоҳаза ҳам қилмоқда эди. Суҳбатлар нуқул кўнгилсизликлардан бошқа нима келтирарди? Бу ерда эса улар бусиз ҳам ошиб-тошиб ётибди.
— Мен сизга ёрдам беришни истардим, — деди Моллетт. — Аммо сиз билан ишлаш осон эмас.
Виржиния йўталиб қўйди.
— Бу ноилож одам, — Палмерга мурожаат қилди жувон, — ҳақиқатан ҳам ёрдам бериш қўлидан келадиган оз сонли одамлардан биттаси.
Палмер стаканни кўтарди, бироқ ичмай уни қайта жойига қўйди. Кейин ўз қарорини мустаҳкамлаётгандек, стаканни бир четга суриб қўйди.
— Аввало мен қуйидагиларни билишим керак, — гап бошлади у. — Келинг, фараз қилайлик, мен сизга қандайдир сирни айтдим, эҳтимол, у ҳеч қачон матбуот учун ашё бўлмас. Келинг, яна фараз қилайлик, буни исбот қилиш мумкин эмас ёки мен мутлақо ноҳақман, келинг, яна бир фараз қилайлик, менинг маълумотларим чала ва сизнинг томонингиздан ишлов берилишига муҳтож. Бу ишни бажара туриб ва сизда қачонлардир мақола чоп этиш имконияти бўладими, йўқми, билмай туриб, қониқиш ҳосил қиласизми?
Моллеттнинг кичкинагина оғзи ясама ширин табассумдан икки томонга чўзилди.
— Мен чоп этилмайдиган нарса устида ишлашни жонимдан яхши кўраман. — Сўнг жиддий оҳангда давом этди: — Келинг, ишнинг моҳиятига қайтайлик. Агар у чиндан ҳам муҳим бўлса, унда мен унга ўз вақтимни сарф қилиш истагимни изҳор этаман.
— Матбуот учун эмас.
— Шўрлик матбуот учун эмас, — унга қўшилди Моллетт.
— Шубҳа қилишга менда асос бор, — тез гап бошлади Палмер, агар шериги сўзларни теришга киришгудек бўлса, уларни ҳеч қачон айтиб улгурмаслигини билиб, — ЮБТК устидан назорат ўрнатишга интилаётган қандайдир, ташқи гуруҳлар йўқ эмас.
Моллетт товушсиз ҳуштак чалди. Унинг нигоҳи дарҳол Виржинияга сакраб ўтди.
— Ростданми? — минғирлади у.
— Сен бу одамни эшитгансан, — жавоб берди жувон.
Репортёр ўзини аста стул суянчиғига ташлади ва жойлашиброқ ўтирди.
— Мак Бернснинг Олбанига боришига тўғри келиб қолганидан хурсандман.
— Нимага бундай дейсиз? — сўради Палмер.
— Чунки у бу ерда бўлганида, сиз менга буни сира ҳам айтмаган бўлардингиз.
— Тўғри. Аммо нега сиз шундай ўйлайсиз?
— Давом этинг. Мак Бернс ўзининг башанг икки юз долларлик костюмини кийиб юравериши мумкин, лекин мен учун у Троя оти бўлиб қолаверади.
— Бу, — аста деди Палмер, — бугун мен эшитган энг қизиқ нарса бўлди. — Бирмунча вақт ҳамма жим бўлиб қолди. Сукунат чўзилиб кетди. Официант столга учта ликобча қўйди ва мармитдан1  Виржиниянинг ликобчасига ньюбургча омарларни олиб қўя бошлади, қўлида қисқич каби ушлаб турган санчқи ва қошиқларни стол устига авайлаб терар экан, ҳар бир ҳаракати билан олий даражали ресторанда хизмат қилишини таъкидлаётгандек ва таомномада чоп этилган йирик долларли нархларни исботлаётгандек бўлар эди.
Моллетт уҳ тортди, унинг кўзлари официант санчқилари ва қошиқлари ҳаракатини кузатар эди.
— Сўнгги вақтларда бирон қизиқ китоб ўқидингизми? — сўради у ҳеч кимга бевосита мурожаат қилмасдан. Моллеттнинг бармоқлари оқ дастурхонни бетоқат чертаётганини Палмер кўриб турарди.
Ҳаммага хизмат қилиб бўлиб, официант узоқлашар экан, Моллеттнинг бармоқлари тинчиди.
— Биз нима ҳақдадир гаплашаётувдикми?
— Биз “Стар”нинг жонбоз чаламулла ёзувчиси бу янгиликни муҳим деб ҳисоблармикан ё йўқми, шундан гаплашаётувдик, — жавоб берди Виржиния.
— Агар булар бари қумга ёзилган бўлса ҳам, — қўшиб қўйди Палмер.
— Ўзинг ҳозиргина Мак Бернс билан одамнинг умуртқасига ўтмас ханжарни санчиб олдинг-ку, — давом этди Виржиния.
— Менми? — Моллетт официант унга тақмоқчи бўлган ошхўракни юлиб ташлади. — Ҳалол Макка шундай қилар эканманми? — У официантнинг  узоқлашувини кузатиб турарди. — Турли-туман шубҳали тадбирларнинг сиёсий ташкилотчиси ишончини қозонувчи сифатида, — деди у омарга чаққон ва дадил ҳужум қилар экан, — мен унинг икки жабҳага ишлашни қойилмақом қилиб ўрганганини кўрдим, холос. — Моллетт омарнинг узун бир бўлагини кўтарди, уни қиздирилган ёққа булади ва оғзига жўнатди. Унинг нигоҳи тезгина Палмернинг юзига сапчиди. —  Сиз бир нарса дедингизми? — сўради у.
— Эзилиб кетдим, холос, — жавоб берди Палмер ўзининг бифштексига пичоқ урар экан. Чала қовурилиш ўрнига гўшт ташқи томонидан букиб қўя қолинган, ичи эса хомлигича қолаверганди. — Мана сизга керак бўлса, — шикоятомуз деди у.
— Еб бўлмайдиганга ўхшайди, — деди Виржиния. — Бугун жума, мен балиқ таомлари тартибига риоя қиламан.
— Ақли жойида бўлган одам буни чала қовурилган деб айта оладими?
— Жудаям чала қовуришибди-да, — унга қўшилди Моллетт. — Қайтариб юбора қолинг.
Палмер бошини чайқади ва бифштекснинг еса бўладиган қисмларини ковлаштира кетди.
— Сиз бизга жавоб бермадингиз ҳали, янгилик устида ишлаш учун у сизни кўнгилдагидек қизиқтирадими?
Моллетт луқмани чайнашда давом этарди.
— Буни тушунтириш қийинроқ. Аслида, падарига қусур, деярли иложи йўқ.
— Ҳеч қизиқиб кўрмаганмисиз?
— Унда...
Омарнинг навбатдаги бўлагини ажратар экан, Моллетт лабларини қаттиқ қимтиди.
— Буни тушунтириш кераклигига унчалик ишонмай турибман, — жавоб берди у.
Виржиния санчқини қўйди.
— Э, йўқ. Бўлиши мумкин эмас.
Моллетт бош ирғади:
— Мумкин.
Виржиния Палмерга юзланди.
— Бу нусханинг гапига қараганда, — жувон овозини пасайтирди, — кимдир унга бу янгиликни аллақачон етказган. Бошқа томондан биров.
Палмер кавшанишдан тўхтади. У ўзини стул суянчиғига ташлади, кўзлари репортёрга тикилди. Бир лаҳза ўтиб у гўшт луқмасини ютди, бироқ бошқасини кесиб олишга шошилмади.
— Унда, — деди у охири, — нима учун буни мендан эшитганингизда сиз ҳайратдан ёқа ушладингиз?
— Мени ишонтириб айтишгандики, биринчидан, ЮБТК да  ҳеч ким ҳеч нарсадан шубҳаланмайди ва, иккинчидан, то ойболта тушмагунча... улар ҳеч нимадан шубҳаланишмайди.
— Мен ўзим ҳақимдаги бировларнинг фикрига унчалик мазахўрак бўлганим йўқ.
— Бу икки оёқда юрадиган ҳашарот бор-ку, Бэркхардт, шу одам ҳақидаги уларнинг фикри, — жавоб берди Моллетт. — Кўраяпсизми, мен бу маълумотларни сиз Нью-Йоркка келмасингиздан аввал олган эдим.
Палмер бош ирғади:
— Иш анчадан бери давом этиб келаётганини билардим. Нима деб ўйлайсиз, улар нечта акция тўплашди экан?
Моллетт қошини чимирди ва омарни ёққа булади.
— Яна эсингиздан чиқди. Менга сир қилиб айтишган.
— Жорж, — деди Виржиния, — сен қанақа дўстсан ўзи? — Репортёр индамай овқат еётгани учун у гапида давом этди: — Менинг бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти, нега ҳамма нарса шу қадар сирли, а? Раҳбарлик курсиси учун бошқа жанглар очиқ-ошкора бўлади. Ваколат учун кураш. Газеталардаги шов-шувли сирлавҳалар. Бу эса шунчалик махфийлаштирилганки, ҳалигача унинг борлигига ишонмайман.
— Ишон, — деди Моллетт.
— Банк шунчаки одатдаги корпорация эмас, — тушунтирди Палмер. — Қачондир — кимдир банк устидан назорат ўрнатиш учун зарба беришга ҳаракат қилса, у бу ишни очиқчасига қилишни ўзига эп кўрмайди. Ўрта бизнесга-ку бундай ошкоралик зарар етказмаслиги мумкин. Аммо унинг банкка ҳужум бошланишига қанчалик халақит беришини ҳамма билади.
— Ошкора кураш, — тасдиқлади Моллетт, — банкни шу қадар хонавайрон қилиши мумкинки, янги раҳбарга бош оғриғидан бошқа ҳеч нарса қолмайди.
Сўнг яна орага сукунат чўкди. Ҳеч ким уларнинг суҳбатига қулоқ солмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун Палмер хонага яна бир бор кўз югуртириб чиқди. Кассир пештахтаси олдида чарм куртка кийган бир ёш йигит метрдотел билан гаплашиб турарди. Кейин йигит метрдотелга бир конверт тутқазди.
— Демак, — кескин оҳангда деди Моллетт, — нима бор сизда?
Палмер унинг кўзига қаради:
— Ривожлантириш ва тўлдиришда сиз ёрдам беролмайдиган ахборот.
— Тўғри. Агар сиз олдимга биринчи бўлиб келганингизда, мен бир нима қила олишим мумкин бўларди. Энди эса менинг қўлларим боғлиқ.
— Лекин тилинг эмас, — писанда қилда Виржиния. — Одоб, ҳарқалай, сенинг зудлик билан орқага, ўша дастлабки манбангга югуриб боришингни ва унга ЮБТКнинг ишлари беш экан деб хабар қилишингни талаб этади.
Ёққа буланган омарни маза қилиб чайнаётган одам бирдан ачинарли ҳолга тушиб қолса, қандай бўлади? Моллетт ҳам худди шу ҳолга тушганди.
— Бошим қотиб қолди, — деди у охири. — Сиз мен билан хуфёна гаплашдингиз.
— Раҳмат, — жавоб берди Палмер. У метрдотелнинг улар столи томон келаётганини кўрди. — Сизни ЮБТК томонга оғдиришнинг бирон усули бормикан?
— “Стар”нинг одамини-я? — сўради Виржиния чуқур ҳайрат оҳангида.
— Бунга бир бошқача қараб кўринг, — деди Палмер. — Биз қанчалик кўп нарса билсак, кураш шунча кескинроқ ва сизнинг мақолангиз шунча қизиқроқ бўлади.
— Макиавелли, — деди Моллетт. — Сиз, чикаголиклар, қотилнинг ўзгинаси- сизлар — одам ўлдирмай туролмайсизлар.
Метрдотел стол олдига келди.
— Мистер Палмер ким эди? — сўради у Палмерни таниёлмай. Палмер бош ирғагач: — Э-ҳа, сиз эдингиз-ку. Марҳамат, — деди-да, конвертни унга тутди.
Бу оппоқ скотч билан бир неча жойидан елимлаб ташланган конверт бўлиб, устида ҳеч қанақа ёзув-позув йўқ эди. Палмер уни айлантириб кўрди-да, кимдан келганини ва кимга юборилганини аниқлай олмади. У конвертни очди ва ичида ясси калит ёпиштириб қўйилган қалин оқ қоғозни кўрди. Қоғозга қизил қаламда бундай деб ёзиб қўйилганди: “Олбанида 10 кун. Меҳмоним бўл”. Палмер кўзини кўтарди ва Моллетт билан Виржиния уни кузатиб туришганини кўрди Бахтига у қоғозни калит кўринмайдиган қилиб ушлаб турган экан. У хат билан калитни чўнтагига тиқди, бу оқилона бўлдими ё йўқми, ўйлагани ҳам йўқ, ишқилиб уларни кўздан яширса бўлгани эди. Хатдаги гаплардан на жўнатувчини, на олувчини билиб бўларди.
Палмернинг кўнглидан беихтиёр шундай ўй кечди: Мак Бернс жосусликда ишласа қалай бўларкин? Ҳойнаҳой, ёмон бўлмасди.
У суҳбатдошларига жилмайиб қўйди.
— Қотил табиатли одамлар, — аста деди у, — жуғрофий чегарани билмайдилар.
— Яъни? — сўради Моллетт.
— Келиб чиқиши қаерданлигининг аҳамияти йўқ. Бу ёғини сўрасангиз, Жо Лумис, агар янглишмасам, Огайодан.
Моллеттнинг тугмадеккина оғзи хиёл титради:
— Ў-ҳа.
— Арчи Никос эса, Лондондан бўлса керак.
— Ҳм.
— Мак Бернс эса, менга айтишларича, Байрут билан Голливуд маҳсулоти саналади.
— Оббо.
— Инглизчалаб бир нима десанг-чи, Жорж, — илтимос қилди Виржиния.
Моллетт ковшанди-да, оғзидагини ютди.
— Айтадиган биргина гапим шуки, — тантанавор деди у, — уларнинг келиб чиқиши ким ва қаердан бўлмасин, чикаголик бир қишлоқи лапашангни учратиб қолган айни пайтда уларга ачиниб кетаяпман.



Ўттиз бешинчи боб

Мак Бернснинг квартирасида Ист Риверга қараган дераза олдида туриб Палмер, хуллас, ҳеч бир нарсада Бернсга ишониб бўлмас экан дея хаёл сурарди, айниқса унинг Олбанида ўн кун бўламан дегани ғирт ёлғон бўлиб чиқди.
Далилларни текширишни узоқ машқ қилиб ўрганган Палмер Бернснинг хатда кўрсатган ўн кунлик муддатнинг туғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Бернснинг идорасига қилган қўнғироғи ёрдам берди. Котиба уни кечи билан Рождество кунига кутмоқда эди, унгача ҳали ўн бир кун бор.  Қандайдир бир арзимас сабаб билан Палмер Калхэйнга ҳам қўнғироқ қилди ва сиёсий арбоб Бернсни Нью-Йоркда кам деганда ўн кун мобайнида кутиб турмаслигини аниқлади.
Ҳозир Бёрнс меҳмонхона бўлмаси деразаси ёнида автомобил чироқлари нури Ист Ривердрайвнинг қоп-қора фонида сидирға оқ-сариқ тусда қоришиб кетаётганини кузатар экан, Палмер Бернснинг сотқинлиги эҳтимоллиги ҳақидаги фикрни нима учун осонгина миясидан чиқариб юборганини ўйлар эди. Бу фикрни ҳисобга олмагани учун эмас, балки Палмер озгина уриниш билан уни хаёлининг бир чеккасига суриб қўйгани учун.
Аслида, деб ўйларди ҳозир Палмер, у нима қилган ва қилмоқчи бўлган ҳамма нарса, Афтидан, уни у қадар ташвишга солмаяпти. Бу ҳам, ўзича иқрор бўлди у, ундаги хоҳиш бошқа ҳамма нарсанинг бирон-бир аҳамиятини йўққа чиқарганидан эмас. Йўқ. Бўлажак зиёфат истиқболи бошқа барча туйғуларни бўғиб қўйишга қодир кескинлик билан тўлдирмаётганди. Хулласи калом, Жерри айтмоқчидай, у, афтидан, ўзининг янги ролига жуда совуққонлик билан қараяпти.
Эшик уч марта енгил тиқиллади.
Палмер эшик олдига борди ва бир неча сантиметр қия очди. Йўлакдан унга Виржиния Клэри кулиб турарди. Палмер эшикни катта очди, жувонни ичкарига олди, эшикни ёпди ва қулфлаб қўйди. Кейин бурилди-да, жувонга қаради. Жувон нимқоронғиликда турар, кўзлари чақнар эди, бўртиқ ёноқларида хиёл қизиллик, лабларини ҳали ҳам ёқимли табассум тарк этгани йўқ. Палмер ўзининг ҳам юзида ана  шундай мамнун, бироз аҳмоқона севинчли табассум борлигини билиб турарди.
— Чопиб келдим, — деди Виржиния.
— Кераги йўқ эди.
— Кераги бор эди. Ҳатто лабларимга қизил сурганим ҳам йўқ.
— Лаббўёқ деярли бутунлай ёйилиб кетган.
— Ҳар доимгидай куннинг охирида келиб, — деди жувон.
— Бирон нарса ичасизми?
— Зудлик билан. — Жувон меҳмонхона бўлмасига борди. Палмер барга йўл олди, жувон уни тўхтатди ва узун диванни кўрсатди. Йигит ўтирди ва жувоннинг коктейл тайёрлашини томоша қила бошлади.
— Челакчада муз бор, — бидирлаб деди жувон, — баъзи эркаклар ҳамма нарса ҳақида ўйлайди.
— Отам буни ҳамма нарсада эҳтиёткорлик уқуви деб атарди.
Жувон стаканларни диван олдига олиб келди-да, йигитнинг ёнига ўтирди.
Улар стаканларини чўқиштирдилар. Хонани тўрдаги девор деразаси олдидаги мўъжазгина чироқ ёритиб турарди. Палмернинг ғояси: улар иккаласи учун кифоя қиладиган ёруғлик, кўчанинг нариги томонидаги деразалардан кузатувчилар учун кифоя қиладиган ёруғлик. Бундан ташқари, чироқнинг жойлашувининг ўзи кузатишга йўл қўймас эди. У нимҳарир пардани ёритиб, ташқи кузатувчилар ва хонадаги одамлар ўртасида тўсиқ ҳосил қилганди.
— Совуққон мулоҳаза, — таъкидлади йигит. — Бундай совуққонлик қаёқдан пайдо бўлди?
— Сенинг отанг, — деди Виржиния, — буни нима деб атаган бўларди?
— Бориб турган жиннилик.
Жувон бош ирғади.
— Мен унга қўшиламан.
— Унда, кел, ичайлик-да, кетайлик. Мен Макнинг Олбанида эканига унчалик ишонаётганим йўқ.
— Мен ишонаман.
— Нима учун?
— Ишдан кетиш чоғида мен унга Олбанига қўнғироқ қилган эдим, — деди жувон. — Чунки у билан учрашишга ҳаракат қилиб кўришимнинг аниқ сабаби бор эди менда. У ўн кундан кейин қайтаман, деган эди. О.Е.О.1 
— Нима учун сен уни текшириб кўрдинг?
— Бу оқилона кўринганди.
— Қўрқаяпсанми?
Жувон жиддий бош ирғади:
— Ўлгудай қўрққандим. Ташвишланишимга сабаблар жуда кўп. Мен ёлғизман. Банкда пулларим бор. Агар керак бўлса, мен истаган вақтимда газетада иш топа олар эдим.
Йигит жилмайди.
— Пулларингни қайси банкда сақлаяпсан?
— Сир. — Жувон стаканидан икки-уч ҳўплади. — Сенинг пулларинг кўпми, Вудс?
— Нимайди?
— Катта ифлос жанжалга бардош беришга етадими?
— Ҳа.
— Унда иккаламиз ҳеч нарсадан ташвиш қилмасак бўлавераркан.
Жувон у билан яна енгил чўқиштириб қўйди. — Лекин келаси гал ҳам барибир икки марта текшираман. — Вискини охиригача ичди-да, стаканни коктейл столчасининг залворли ойнаси устига қўйди.
— Бугун кундузи жудаям бир кулгили воқеани бошимдан ўтказдим. Қандайдир бир эркак менинг иш столим олдига келиб тўхтади. Биз у билан ниманидир муҳокама қилиб турганимизда у менга калит ёпиштирилган ватман қоғозини кўрсатди. Суҳбат давомида у на калит ҳақида, на қоғоз ҳақида бир оғиз гап айтди, мен ҳам. У ниманидир айтмоқчи бўларди деб ўйлайсанми?
— Ўйламасдан ҳа деган бўлардим.
— У нимани назарда тутгани ҳақида фикринг қандай?
— Яхшиликдан нишона эмас.
— Хўп, буниси-ку, кулгили воқеа бўлди, — давом этди жувон, — кейин мен мутлақо ғайритабиий бир иш қилдим. Мен кечқурун бирга овқатланишга таклиф қилган одамга қўнғироқ қилдим ва ўзимни ёмон сезаяпман, дедим.
— Сен бундай қилмаслигинг керак эди. Мен жиддий айтаяпман.
— Биламан, жиддий айтаяпсан.
— Бошқа бундай қилма.
— Нима учун?
— Бу ... бу унга нисбатан зулм. У ким бўлишидан қатъи назар.
— У мени қизиқтирмайди, — деди жувон. — Мен ўзим ўзимга нисбатан ҳал этишга ҳаракат қиламан.
— Ҳал қилгансан деб ўйлайман. Назаримда, сен буни жиннилик деб эътироф этдинг, шекилли.
— Ҳа. — Жувон қаддини ростлади ва унга янада тикилиброқ қаради.
— Ва назаримда, ичиб бўлиб, кетайлик деб таклиф қилдим, шекилли.
— Бу таклифга мен эътибор қилмабман.
— У ҳамон ўз кучида турибди.
Виржиния унинг қўлидан тутди ва йигит унинг ингичка бармоқлари тафтини ҳис этди.
— Кел, бу ҳақда гапирмайлик, — илтимос қилди жувон. — Кел, чурқ этмай ўтирамиз. Бирпас. — У йигитнинг қўлини айлантирди, кафтига қаради, уни лабларига олиб келди ва ўпди.
Жувон аста эгилиб, унинг тиззалари устига етгач, йигит уни қучоқлади. Юзидан ўпди, сўнг лабларидан ўпди ва жувоннинг лаблари унинг лаблари остида хиёл очилганини ҳис қилди. Жувон англаб бўлмайдиган бир нарса деди: сўз йигитнинг оғзига чўкиб кетди. Жувоннинг қўли тўсатдан таранг тортди ва у йигитнинг оғзини ўзининг оғзига шундай куч билан босдики, йигитнинг лаби яраланди. Бир лаҳзадан кейин жувон қўлини бўш қўйди. Уларнинг лаблари ажралди.
— Ҳеч нарса гапирма, нафасини чиқариб деди жувон.
Йигит унинг сонидан қўлини олди-да, лабига теккизди. Бармоғига қаради — қон йўқ эди. У қўлини жувоннинг тиззаси тагига суқди-да, унинг оёғини аста силай бошлади. Хонадаги сукунат ичида қўлининг нейлон пайпоқ бўйлаб қилган ҳаракатидан енгил шитирлаш тарқалмоқда эди. Унинг қўли юқорироққа кўчди.
Бирмунча вақтдан кейин қараса, у қалин оқ гилам устида кўзларини юмиб чалқанча ётибди. Виржиния қаёққадир ғойиб бўлганди. У жувоннинг коктейль тайёрлаётганини эшитди. Кўзини очиб, жувон унинг боши узра қўлида стакан билан турганини кўрди.
— Сен барибир малласоч учун сертуклик қиласан, — деди жувон.
— Тиришаман.
Виржиния оёғини унинг кўкрагига қўйди.
— Оғрияптими?
— Йўқ.
— Энди-чи?
— Агар қарс этган овоз эшитсанг, билгинки, қовурғам синган.
— Жўжа. — Жувон оёғини олди-да катга томон кетди. Палмер узоқдан жувоннинг қуймичи ва сонлари мушакларининг ўйноқлашини кузатди. Жувон иккита кичкина-кичкина ёстиқчани олиб қайтиб келди ва таклиф қилди: — Бошингга қўйиб ол. Гилам унчалик юмшоқ эмас.
Эркак ёстиққа ётгач, жувон унинг қорни устига миниб олди, стаканни унинг лабларига олиб борди ва то ичиб бўлгунича аста-аста эгиб турди.
— Раҳмат, — деди ниҳоят Палмер.
— Агар оғирлик қилаётган бўлсам...
— Қушдай енгилсан.
Жувон жилмайди ва стаканни унинг боши ёнидан ерга қўйди, бир нима деб гапирмоқчи бўлди-ю, лекин тутилиб қолди.
— Менга айт-чи, — деди жувон охири, — қаттиқ тажрибанг натижасими бу? Ёки сен ўзинг шунақамисан?
— Қанақаман?
Жувон хиёл олдинга эгилди:
— Гўлликка солма ўзингни.
— Э, буни айтаяпсанми? Яхши. — Йигит юзини шундай қийшайтирдики, бундан: “Сенга нима ҳам дердим” — деган маънони уқиш мумкин эди. — Бу тажриба натижаси эмас.
— Сендаги мен энг кўп яхши кўрган нарса — бу камтарлик.
— Мен иложи борича камтарона жавоб беришга ҳаракат қиламан, — деди Палмер ён бермай. — Лекин саволнинг ўзи у қадар камтарона эмас. Ҳарҳолда уни икки хил тушунса бўлади. Уни бошқача қилиб ҳам айтиш мумкин: сенинг ақл бовар қилмас муваффақиятинг сири нимада?
— Жавоб ўша: тажриба натижаси эмас.
— Унда нима?
— О, — деди жувон. — Мен сенга айтиб беришим мумкин. Тўғрисини айтсам, мен ҳар иккала саволга жавоб бера оламан. Менинг яхши бўлишимга сабаб — бу сенсан ва шунинг акси.
 — Чакки эмас.
— Устимдан кулиш йўқ, —  огоҳлантирди Виржиния. — Бунинг учун сен ҳозир ўшандай ҳолатда эмассан. — У гиламдан оёқларини кўтарди-да, Палмернинг қорни устида чордона қуриб ўтириб олди.
— Қалай, оғирми?
— Неча килограмсан?
— 1 стоун 5 фунт.1  Шунинг бари ичак-чавоқларимга босиб турибди.
— Менда бир фойдали фикр пайдо бўлиб қолди, — деди йигит. — Қорин мушакларини мустаҳкамлайдиган машқлар. Менга 1 стоун 5 фунт оғирлигидаги бир аёл керак. Сен бунга қизиқмайсанми?
— Йўқ.
Жувон олдинга эгилди-да, йигитнинг устига шундай чўзилдики, юзи йигитнинг бўйнига ёпишди, уларнинг оёқлари бир-бирига жуфтлашди.
— Нима бўлганини билаяпсанми? — сўради жувон. — Энди сен мени бутунлай сезмаяпсан.
— Жудаям хато қилаяпсан-да!
— Вазнимни назарда тутиб айтаяпман.
— Э-ҳа.
— Сен тахта катчалик ҳам эмас экансан.
— Айбситавера-а, айбситавер.
— Қоқ суяксан, — давом этди жувон, — бундан ташқари, ҳар хил бўртиқлар.
— Балки, мурватлар бўшашиб қолгандир?
— Уни маҳкамлашнинг қандайдир усули бўлиши керак.
— Бўлиши керак.
— О, — деди жувон, унинг кўкрагидан аста тишлаб.
— Қанақа?
— Қараб тур.
Телефон жиринглаганда соат эндигина тўққиздан ошганди. Палмер юзини гиламга тиқиб, қорнида ухлаб ётарди. У аста қимирлади, сўнг бутунлай уйғонди ва Виржинияга тикилди. Жувон бармоғини унинг лабига босди. Телефон етти марта жиринглагунча улар бир-бирига тикилиб қараб, кутиб туришди. Саккизинчи қўнғироқ ўртасида у тинди.
— Шаҳар қўнғироғи, — деди жувон. — Бу уйдан эмас.
— Соат неча?
— Тўққизлар атрофида. Қорнинг очдими?
Йигит бошини чайқади.
— Мен ухлаганимда нима қилдинг?
— Сени томоша қилдим.
— Хўш?
— Ва ўйладим. — Жувон чекиб турган сигаретасини унга узатди. — Секс ҳақида ўйладим.
Йигит бир тортди-да, сигаретани қайтарди.
— Нимани топдинг?
— Икковимиздан биттамиз ҳам тушуниб бўлмайдиган нарсани.
— Жуда афсусдаман.
— Афсусланма. Мен шундай хулосага келдим: Буни тушуниш мутлақо шарт эмас. Бу ёғочдан завқ олган билан баравар.
— Ҳамма ҳам шундай ҳис этавермайди.
— Мен икковимизга бир қара, демоқчиман. Агар турли-туман гуноҳу айблар номи билан аталувчи нарсалардан ўтиб келиш учун тўла ихтиёрга эга бўлмасак, кўп ўтмай ҳеч қанақа лаззат ололмай қоламиз.
Йигит тирсагига суянди.
— Сен асосий нарсани эсдан чиқараяпсан.
— Бугун оқшом кўпам эсдан чиқараётганим йўқ.
— Асосийси ўз кузатишингда, — ўжарлик билан такрорлади Палмер.
— Э-ҳа, мана, гап қаёқда экан.
— Айнан бизнинг гуноҳларни эслатиш ва аниқ белгилашдан муваффақият билан қутилиб қолишимиз. Сен буни нима деб изоҳлаган бўлар эдинг?
— Болаларча гўллик. Бир куни тунда бу барча юк устимиздан босиб тушмаса деб қўрқаман.
— Кейин биз лаззатланиш қобилиятимизни дарҳол йўқотамизми?
Жувон хўрсинди.
— Мен бошқа бирон нарса ҳақида гаплашишни истардим.
— Барибир аёллар қизиқ-да!
— Ҳа. Жисмларининг ярми фаришта, ярми қари қиз.
— Қандай даҳшатли ёлғон. Униси ҳам, буниси ҳам.
— Бўпти. Жентлмен сифатида ўз эътирозингни билдирдинг. Кел, энди бошқа нарса ҳақида гаплашайлик.
Йигит бошини букилган қўли устига қўйиб, яна гиламда ётиб олди.
— Биз оддийгина хуфёна жазманлар бўлиб қолишни ўлгудай хоҳлайман, — ўйчан деди жувон.  — Аёл ухлаб қолади. Эркак ётоқхона бўлмада оёқ учида у ёқ-бу ёққа юради ва кийинади. Унинг кетиши ва пардоз столчасида пулни кўриш учун эрталаб аёл уйғонади. Бунинг ўрнига сен ухлайсан, менинг эса ўз ёғимга ўзим қоврилишдан бошқа иложим қолмайди. Наҳотки “Виржиния Клэрига нисбатан жентлмен бўлинг” ҳафтаси эълон қилинган бўлса?
— Оҳ, жим бўлсанг-чи.
Палмер кўзларини юмди.
— Тирноқ остидан кир қидиришлар.
У ҳеч  нарса деб жавоб бера олмади ва жувоннинг сигарета тортганини ҳамда куч билан тутунни пуфлаганини эшитди. Йигит кўзларини юмиб ётганча чурқ этмасди.
— Бу адолатдан эмас деб ўйлайман, — давом этди жувон бирмунча муддатдан кейин. — Мен тинч, хотиржам яшаб келаётган эдим. Гуноҳларим доим назорат остида бўларди. Энг даҳшатлиларини катта танаффуслардан кейин содир этардим. Узоқ  вақтгача тавба-тазарруда1  бўлмагандим, ўзимни услубиётчи деб ҳис қиламан. Жинсий алоқаларини ўзи йўқ воқеалар сирасига киритишимнинг ўзи бўлмаган — қундуз пальто дейсан: бошқалар кийса чиройли, менинг даврамдагилар учун эса дабдаба. Кўзларим сенда тўхтаган дастлабки бадбахт онда тушундимки, сен айниқса эҳтиёт бўлиб муомала қиладиган одам экансан. Бу сенинг ташқи кўринишинг туфайлидан эмасди. Бирон-бир муайян жисмоний нусхага кўнглим суст кетмайди. Фақат сенинг менга қарашингдаги бир нима дидимга ўтириб қолганди, холос. Сендан сигналлар келарди. Менинг радарим уларни тутарди. Ўзимга ҳам менда қандайдир ўз сигналларим ёки шунга ўхшаган нимадир бордек туюларди. Бу техникани бутунлай тушунишга даъвогарлик қилмайман. Лекин, эй худо, Вудс, мен қийналгандан қийналардим, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилардим, мен ҳақиқатан ҳам ҳаракат қилардим. Сен менга  керак бўлган одам эмассан, зинҳор. Уйлангансан. Фарзандларинг бор. Менинг ишдаги хўжайинимсан. Ҳалиги зиёфатда қандай рақс тушганимиз ёдингдами? Менинг барча машқларим жилдираб канализация қувурига оқиб кетаётгандай ҳис қилардим. Кейин биз шаҳар бўйлаб юрганимизда мен софдил бўлишга ва булар барчасини сенга эркалаб, аммо астойдил айтиб беришга ҳаракат қилгандим. Мен ҳатто кичикроқ муноқаша билан тугатмоқчи ҳам бўлгандим. Лекин қўлимдан келмаганди. Эсингда йўқми? Энди ҳаммаси унутилган. Лекин ҳарҳолда ўшанда сен мендан миннатдор бўлиб қўйгандинг. Сенинг бировдан миннатдор бўлишинг ўлимдан қийин. Шунчалик ичимдан топ эдингки, битта сўзни минг машаққат билан айтардинг. Мана шу ичимдан топлигинг мени ўлдирди. У менга сенинг ботинан қандайлигингни кўрсатди, сенинг ўзингни десам ҳам бўлаверади, шу нарса жигар-бағримни эзиб, қийма қилиб юборди. Мана, бу ерда мен сен билан Мак Бернснинг мўъжизавий гилами устида ағаниб ётибман, бошқа биронта идорадан иш қидириб топишим ва бу воқеани унутишга ҳаракат қилишим керак бўлган бир вақтда.
Жувон жимиб қолди. Бир лаҳзадан кейин Палмер бошини кўтарди:
— Тугатдингми?
— Бутунлай.
— Саволим бор.
— Хўш?
— Шунчалик бахтсиз бўла туриб, шунчалик чиройлик бўлиш қандай қўлингдан келади?
Жувон унга ажабсиниб қараб қўйди:
— Жаҳлинг чиқмаслигига ишонасанми?
— Бу ёққа кел-чи.
— Келаяпман.



Ўттиз олтинчи боб

Палмер кечки соат олтида Парк авеню бўйлаб “кадиллак”да шамолдай елиб борар экан, “Уорлд телеграм”даги сўнгги еттинчи спорт бўлимини молияга доир бобигача варақлаб чиқди. У машинадаги мутолаага мўлжалланган чироқни ёқди ва биржа ёпилиши вақтидаги банк акциялари нархини ўргана бошлади. ЮБТК акцияси нархи 25 фоизга кўтарилган ва сотилган акциялар миқдори ортган эди.
Уларни ким сотиб олса ҳам назорат пакетини эгаллаб олиши ҳали амри маҳоллигига амин бўлиб, Палмер газетани буклади-да, ўзининг  ёнига ўриндиққа ташлади. Бирмунча муддат у ҳайдовчи бошининг орқасига қараб турди. Сўнг вужудида қандайдир танҳолик туйғусини ҳис этди. Гарчи ҳайдовчи ундан бор-йўғи бир ярим-икки метрча нарида ўтирган бўлса-да, Палмер ўзини мутлақо ёлғиз ҳис қилди. Бундай сезги қайсидир маънода унга ёқарди.
Шунинг учун  ёқадики, ўйлади у, бу ерда, қуббасимон майин оқ нур остида, гўё дўкон пештахтасидагидек, ёлғиз ва қайсидир даражада севимли бўлиб ўтириш маза эди, айни вақтда эса қоронғилик қўйнида бутун шаҳар кўзга кўринмас сувратлар силсиласидай ёнингдан ўтиб туради. Палмер чарақлаган янги йил арчалари улуғвор сафининг лип-лип учиб ўтишини томоша қилди. Оқшомлари Парк авеню ҳар доим ёрқин қизил нуқталар — машиналарнинг орқа чироқлари билан безанган бўлади. Ҳозир эса арча чироқлари ортида бутун кўча байрамона тус олганди.
Етмишинчи кўчаларда ҳайдовчи чапга бурилиш сигналини берди ва Палмер олдинга энгашди.
— Жимми, бурилинг-да, мени муюлишда тушириб қолдиринг. Бу ±ғига я±в кетаман.
— Яхши, мистер Палмер, раҳмат.
Палмер қошини чимирди. Бу ташаккур нечун? Бу Жиммининг қайтар йўлини нари борса беш дақиқага қисқартиргандир. Наҳотки беш дақиқа шунчалик зарур бўлса?
— Бирон ±ққа шошаяпсизми? —  сўради у.
— Уйга. Арча безатиш керак, мистер Палмер. Мен галга солганим-солган, бу ±ғи атиги олти кунгина қолибди. Болаларим ўлдиради мени...
Машина юмшоққина кичикроқ доира ясади-да, йўлка чеккасига, шаҳарнинг ишбилармонлар маҳалласи томонга келиб тўхтади. Жимми эшикни очгани чиқиб келгунча Палмер қуббасимон чироқни ўчирди ва газетани олди.
— “Телли”ни олинг, — деди у газетани ҳайдовчига узата туриб; унинг билишича, ҳайдовчи, одатда, фақат “Жорнэл американ”ни сотиб оларди.
— Яна бир марта раҳмат. Хайрли тун, сэр.
— Хайрли тун.
Ҳайҳотдай машина жўнаб кетди ва Палмер муздек ҳаводан чуқур нафас олди, сўнг осмонга қаради. Осмон шу қадар мусаффо эдики, у ҳатто яккам-дуккам юлдузни ҳам кўра олди — тутунли Манҳеттен учун бу мутлақо одатдан ташқари ҳодиса эди. Палмер Парк авеню ±қалаб кўз югуртирди ва янги йил арчаларини санашга уриниб кўрди. Кўп ўтмай улар бир-бирига қўшилиб, ±рқин чизиққа айланди. У санашни бас қилди.
Бурилди-да, тезгина уйига қараб кетди.
Уй тарҳи бўйича Эдиснинг режалари қойилмақом тарзда адо этилганди. Аср бошида қурилган, деярли бутунлай катта-катта, кенг-кенг уч-тўрт қаватли бинолардан ташкил топган маҳаллада Палмернинг уйи, шубҳасиз, мана мен деб турарди. Маҳаллий уй эгаларининг ҳадди жуда деганда тош деворни қумли фаввора билан обдон тозалашга ±ки бўяшга, бундан ташқари, деразаларга яхлит ойна қўндиришгача бориб етарди. Фақат бир юрагида ўти бор ихтирочи рим ғиштидан янги девор тикка қилганди. Бироқ Эдис бошқа йўлдан борди.
Жимжимадор олд деворли биноларни Палмер олдин ҳам кўрган. Бундайлари, одатда, иссиқ иқлимли мамлакатларда қурилади. Ҳиндистондаги Қўшма Штатлар элчихонаси, эслади у, шу техниканинг замонавий нусхасидан фойдаланган. Манҳеттенда тропик иқлим шароити аҳ±н-аҳ±ндагина акс этса-да, Эдис шундай жимжимадор деворни танладики, у ҳаловатни юзага келтирарди. У ҳатто қимматбаҳо майдоннинг бир қисмидан воз кечиб, уйни кўча томон суришга жазм этди. Шундай қилиб, йўлкадан қарийб 3 метрлик масофада панжарага ўхшаш бир нима билан бирлаштирилган эгма ва учли қуйма бетон девор тикланганди.
Нур ва ҳавони ўтказиб турадиган, аммо ажабтовургина соя туширадиган бу бегона кунгиралар уйни суқ кўзлардан яшириб туришга мўлжалланган эди. Деворнинг нар±ғида яна икки метрча жойда бинонинг ўзи савлат тўкиб турарди. Унинг тўрт қаватли фронтони сўнгги модада 4 га 6 ҳажмдаги, алюминий жилд билан маҳкамланган яхлит ойнадан ясалганди. Жимжимадор олд деворнинг ички томонини Эдис, афтидан кейинчалик чирмовуқ билан епмоқчи бўлгандир.
Палмер оддий қора ташқи эшикдан ўтди-да, тор тирқишдан осмонга қараб олиш учун тўхтади. Ҳа, юлдуз. Битта.
У худди шундай оддий қора ички эшикни очди ва ўзининг янги уйига кирди. Аллақайси қават ва хоналардан Жерри билан Томнинг айтиша±тгани қулоғига чалинди.
Палмер палтосини ечди ва йўғон лакланган кийим илғичлардан бирига олди. Шляпасини олиб, кийимилғич устидан токчага қўйди. Чоққина вестибюлдан ўтди-да, икки қаватни эгаллаган асосий меҳмонхона бўлма эшиги олдида тўхтади.
Шубҳасиз, уйга гап йўқ, ўзича деди Палмер. Гарчи жимжимадор олд деворга ўхшаган нарсаларга кулиб қараса-да, хотинининг санъат мўъжизаси яратганига тан берди.
Бу иборанинг энди сийқаси чиққанини эслаб, Палмер қошини чимирди. Икки сергак фотограф билан қайсидир журналнинг муҳаррири, зил-замбил кекса хоним кўп қўллашарди бу иборани. Кеча кечқурун уйга келиб Палмер уларни шу ерда кўрди, улар ҳамма жойда ҳозиру нозир эдилар.
— Ҳақиқий санъат асари, — дерди сураткашлардан бири. — Бизнинг замонда бунақаси кам учрайди, ажойиб pieil oi terre1 , —суҳбатга қўшилди наригиси.
— Бу ҳақиқий шаҳарча уй, — деди ҳорғин муҳаррир а±л репортёрлардан бирига. — Одатдаги камтарона инглизча услуб.
— Ҳа, хоним.
Палмер кечаги оқшомни эслади. Фотосувратлар ва мақола, қизиқ, қачон журналда пайдо бўларкин-а? У муҳаррирлик амали±ти билан яхшигина таниш — журналларнинг таҳририятлари олти ой илгарилаб юради. Бироқ борди-ю, уларда мақолани қонун чиқарувчи йиғилиш ±пилишигача чоп этишга қарор қилингудек бўлса, бу  бутун қилинган ишлар учун тўсиқ бўлиши мумкин.
Сенаторлар ва маҳаллий қонун чиқарувчи органлар аъзоларининг хотинлари мақолани ўқишади, сувратлар билан танишишади. Эрларига ўз уйларидан кўнгиллари тўлма±тганини ва шу  журнал хабар қилган мана бундай уйда яшовчи ҳар қандай оилага нисбатан ошкора шубҳаларини изҳор этишнинг ўнлаб ±қимсиз усулларини топишади. Ўтган оқшомда, эслади Палмер, мақолани босишга рухсат бергани учун Эдисдан чапараста жаҳли чиққан эди. Жаҳли чиққанди-ю, лекин ичига ютиб қўя қолганди.
Палмер айланма зинадан аста иккинчи қаватга кўтарилди. Мусиқа ва баҳс аниқроқ эшитилди. — Салом!
— Салом, азизим. — Эдис уларнинг ±тоқхона бўлмаси остонасида пайдо бўлди ва қўл силкиди: — Овқат 10 дақиқадан кейин бўлади. Миссис Кейжга айтиб қўй. — Хотини ғойиб бўлди.
Палмер яна бир қават кўтарилди — иккала жажжи болалари билан кўришиши керак. У Жерри ±тоқхона бўлмаси эшигида тўхтаганида болалар оталарига қарамадилар ва деярли узлуксиз баҳсларини давом эттиришди.
— Уни олган бўлишинг мумкин деб айтганим йўқ, — тонмоқчи бўларди Жерри.
— Мен олишим мумкин эмас деб мен ҳам айтганим йўқ, — эътироз билдирди Том.
— Мен айтдим-ку, мен сенга бераман, аммо ҳозир эмас, деб.
— Нега ҳозир эмас?
—   Чунки у ҳозир менга керак.
—   Сенга керак эмас.
—   Йўқ, жуда керак.
—   Йўқ, мутлақо керак эмас, ±лғончисан.
—   Мени ±лғончи дема, сен аҳмоқсан.
—   Лекин сенга ўхшаб ±лғончи эмасман.
—   Ундан бадтарсан.
—   Мен...
— Тўхтанглар! — хирқироқ овозда деди Палмер. Йўталиб олди. — Салом, болажонларим, — зўраки ширин оҳангда деди у. — Ўйна±тганларингни кўриб мен ҳам яйраб кетдим, қақилдоқларим.
— Анови миттингиз қип-қизил ±лғончи.
— Анови ҳўкизингиз исқирт ±лғончи.
— Яхши ўтирибсизми, соғлиқларингиз қалай? — давом этди Палмер. — Ишдан келганимда мени қандай кутиб оласизлар деб роса интиқ бўламан. Буни сизлар жудаям қотириб адо этаяпсизлар.
Бола ва қиз жим бўлиб қолишди, ҳиринглашди ва о±ққа туришди. Улар Палмерга икки хилда осилиб олишди. Том — унинг қорни ва тиззасида, Жерри эса кўкраги ва қўлида. Бир неча сония давомида Палмерни туртишди, сиқишди, тепишди, қаттиқ қучишди, тиз чўкдиришди, қитиқлашди, о±ғидан босишди, чимчилашди, сузишди ва ҳатто тимдалашди.
— Бас, бас!
То у ўзини ўнглаб олгунча Жерри уни танқидий кўз билан қараб чиқди:
— Тағин кўзингизнинг тагида мана бу қора нарсалар борми?
— “Тағин” деганинг нимаси?
— Ҳар доим бор-ку, улар, — деди Том.
— Йўқ, гоҳ-гоҳда бор бўлиб қолади, — эътироз билдирди Жерри, — Баъзан, куннинг охирида.
— Узун, оғир, тинкани қуритадиган кун, — тушунтирди Палмер, — иссиқ, тинкани қуритадиган столда.
— Очимдан ўламан, — деди Том.
— Ассалому алайкум, мистер Ўлувчи, — гап бошлади Жерри. — Мен мамнуният...
— Бўлди-бўлди, — уни тўхтатди Палмер. — Бу бечора ҳазилни чайнайвериб жонини суғуриб олдинг. Биронта янгироғидан олсанг-чи.
— Бир девор иккинчисига нима дейди? — сўради Том.
— Бурчакда учрашамиз дейди! — Чийиллади Жерри. Палмер кафтлари билан қулоқларини бекитиб олди.
—   Жерри, — ялинди у, — секинроқ-да!
— Коксга ўхшаган нима, локсдай ҳид берадиган ва учадиган нима? — сўради Жерри.
— Самол±т кабинасидаги кокс суртилган локсли қутича! — қичқирди Том.
Палмер кўзларини аламли юмди. Шовқин босилгач, у кўзларини очди ва сўради:
— Локс нима дегани?
Жерри елки қисди:
— Қандайдир балиқ. Дудланган.
— Йўқ, — деди Том. – Локс — суюқ кислород. Ундан ракета ±нилғиси учун фойдаланадилар.
— Бу топишмоқни айтган мактабдаги қизалоқ, — тушунтирди унга опаси, — айтдики, локс — бу дудланган балиқ, деди. Дудланган с±мга.
— У — жинни экан, — деди Том.
— Нима бўлганда ҳам, — сўради Палмер, — бу топишмоқнинг нимаси кулгили?
Болалар жим бўлиб қолишди.
— Сен тушунмайсан, — деди охири Жерри.
Палмер бош ирғади:
— Овқат яна ўн дақиқадан кейин.
Вудининг хонасига кириш учун у танобий хонага тушди. Ўпиқ эшик олдида тўхтаб, у ичкаридан ноғоранинг асабий тарақа-туруғига ҳамоҳанг чийиллаган кларнет овозини эшитди. Роудининг мусиқага қизиқиши яққол кўриниб турарди. Овози уйни тўлдириб турган оркестр чинакамига енгил орлеанча усулда контрабас ўрнига трубадан фойдаланган эди. Палмер кўзининг тепароғида, бош суягининг ичида оғриқ бошлана±тганини ҳис этди.
У эшикни чертди, кутиб турди, яна қаттиқроқ чертди. Бирпас кутиб туриб, эшикни очди ва тўнғич ўғлини логарифмик линейка билан ±зув столи узра энгашиб турганини кўрди. Палмер проигривател олдига борди ва кескин бураб овозини пасайтирди.
— Барча авли±лар ҳақи, бу аҳволда қандай ўйлаб, қандай ишлайсан?  — сўради у.
Вуди унга маъносиз қаради:
— Э, салом!
— Овқат ўн  дақиқадан кейин. Беш дақиқа ҳатто.
Вуди бош ирғади:
— Дада, фоизлар ҳақида нимани биласиз?
— Ҳамма нарсани.
Вуди унга ишонқирамай қараб турарди:
— Биласизми, нима тўғрисида гапираяпман... За±млар фоизи ва ҳар хил шунга ўхшаган нарсалар.
— Нима тўғрисида гапира±тганингни билиб турибман,  — вазминлик билан гапирди Палмер. — Нимани билмоқчисан?
— Мен “Муддатли сотув” мавзуида иншо ±зишим керак.
— Математика бўйичами?
— Йўқ, ижтимоий фанлар бўйича.
Палмер бир талай пластинкаларни нари суриб қўйди-да, ўғлининг каравотига ўтирди.
— Улар қанақа мисоллар келтиришди?
— У  мисол келтирмади, — шикоятомуз деди Вуди. — Мен ўзим ўйлашим керак.
— Ундай бўлса, қулоқ сол.
Бола оғир хўрсинди ва юзида тунд бир кўриниш зоҳир бўлди.
— Бир одам 3000 доллар турадиган машина сотиб олмоқчи, — гап бошлади Вуди булар барчаси қанчалик жонига тегиб кетганини билдирмоқчидай чўзиб, бир зайлда. — Ўзининг эски машинасини 1000 долларга сотмоқчи. Қолган икки мингни икки йилда тўламоқчи. Бу — етти фоизли за±м бўлади. 2000 дан етти фоизи — 140 доллар бўлади. Икки йилга. Демак, 3000 дан ташқари машина яна унга фоизларда 280 доллар туради. Тўғрими?
— Ҳа.
— Бўпти, раҳмат, дада.
— Бу рақамларнинг ижтимоий фанларга қандай алоқаси бор?
Вудининг юзидаги тунд ифода ўрнини энди ўта малоллик ифодаси эгаллади.
— Ўлай агар, билмайман.
— Бу масалани ечиш нимага керак бўлиб қолди? Оддий арифметикадан хабардорлигингни исботлаш учунми?
Бола елка қисди.
— Кекса Филмернинг кўнглини олиш учун бўлса керак. Бу ғоя ундан чиққан, мендан эмас.
Палмер кескин жавоб бермоқчи бўлди-ю, бироқ ўзини тутди.
— Яхши. Бундоқ чиройингни оч-да, қулоқ сол.
— Хўп.
—Сен пул қарз олиб, уни ойма-ой тўлаб борсанг, — давом этди Палмер, — асосий суммани нима қиладилар?
— Нимани?
— Асосий суммани, сен қарз олган пулни. У кўпаядими?
— Озаяди.  — Вуди қовоғини уйди ва шу заҳоти юзи ±ришиб кетди. — Албатта,  озаяди-да.
— Тўғри. Агар сен машина сотиб олгани 2000 долларга икки йиллик за±м учун банкка борсанг, сен 2280 долларга имзо чекасан. Бошқача айтганда, улар сенга нақд 2000 доллар беришади, уни сен тўлиқ икки йиллик фоизни қўшиб тўлашга мажбурсан. Тушундингми?
— Бўлмаса-чи, ахир бу табиий-ку.
— Наҳотки? — кескин оҳангда сўради Палмер. — Бу ҳақда ўйлаб кўр. Икки йил мобайнида ойига 10 доллардан кўпроқдан тўлаб борасан. Ҳар тўлов билан за±мнинг асосий суммасини қисқартирасан. Лекин фоизларни аввалгидай 2000 ҳисобидан тўлайсан, чунки дастлаб шундай белгилаб қўйилган эди-да.
— Нима қилибди?
— Сенга бу ғалати туюлмайдими?
Бола яна елка қисди:
— Тартиб шунақа бўлгач, нимаси ғалати бўларкан?
Палмер бош оғриғи кучайганини сезди. У пешонасини артди-да, давом этди:
— Кел, фараз қилайликки, сен бай пулига ўхшаш за±мнинг бошқа турини оласан, унда аслида шарт бўлган фоизларни тўлаб борасан. Биринчи ойда сен 2000 доллар ҳисобидан тўлайсан. Бироқ ҳар ойга тўловларнинг бир йилидан кейин сен фақат 1000 доллар ҳисобидан тўлашинг керак бўлиб қолади. Фараз қилайликки, ҳар ой қарзинг суммаси камайиб бориши баробарида сен фақат қолган сумма ҳисобидан фоиз тўлайсан. Хўш, етти фоизли за±мда 2000 доллар учун қанча тўлайман деб ўйлайсан?
— 280. Боя айтдим-ку.
— Йўқ. Сен 70 доллар атрофида тўлайсан.
— Ҳазиллашманг.
— Жиддий айтаяпман.
Вуди отасига узоқ қараб қолди:
— Ростдан шунақами, дада?
Палмер ўрнидан турди.
— Ҳа, — деди у ғоятда совуққонлик билан, — худди шундай.
— Аммо унда... ановиси, дастлабкисида фоизларни тўрт баравар кўп тўлар экансиз-да?
—Уҳ! — Палмер енгил хўрсинди. — Ўруғлик бор экан-ку.
— Кекса Филмер шулар барига ишонади деб ўйлайсизми?
— Синаб кўр уни. — Палмер эшик олдига келди. — Овқат бир дақиқадан кейин.
— Хотиржам бўлинг, — минғирлаб деди Вуди яна логарифмик  линейкани қўлига олиб.
Палмер пастга йўл олди ва миссис Кейжнинг ошхонасига кирди. Қовурилган чўчқа гўштининг ҳиди бу ерда кучлироқ эди. 14 йилча олдин, Вуди туғилганида Эдиснинг онаси миссис Кейжни Палмерларга “бериш”ни таклиф қилганди. Миссис Кейж озғин, юзлари чўзинчоқ, кўзлари бир-бирига яқин ва бурни учли, оғиз чеккалари осилиб тушган суяги бузуқ бева бўлиб, муттасил касалвандлардай эшитилар-эшитилмас вой-войлаб юрарди. Оғзи ва ияги тик ажинлар орасида қавс ичига олингандай кўринарди. Гапирганида юзининг пастки қисми бир юқорига, бир пастга ҳаракат қиларди. Минг хил дарди борлигидан шикоят қилишига қарамай, шунча йиллар мобайнида ҳалол ва ғайрат билан меҳнат қилиб келарди, тежамкор эди, зарурат туғилганда, масалан, ҳозиргидек қўшимча ишларни ҳам бажараверарди.
— Ўн дақиқа бурун, — деди Палмер, — мен сизларга овқатга ўн дақиқа қолганини айтиб қўйишим керак эди.
— Ҳаммаси жойида, — ҳозиржавоблик билан деди миссис Кейж, — қарашгани Жеррини бу ±ққа юборинг, шу билан тай±рмиз, мистер Палмер.
—Яхши.
Ёш болаларига яна бир кўз солиб қўйиш учун Палмер Жеррининг хонасига қайтди.
— Қани, қани, — деди Жери, — энди умрим бўйи сен билан бошқа гаплашмайман.
— Қўрқиб кетдим, — пичинг қилди Том. — Қара, қўрққанимдан дағ-дағ титраяпман.
— Яна қўрқасан! Агар мен...
— Ҳали ҳам жанжалашаяпсизларми? — унинг гапини бўлди Палмер, — Жерри, миссис Кейжга қарашиб юбор. Том, қўлларингни кўрсат-чи.
Бола кафтларини пастга қилиб чўзди.
— Топ-тоза.
— Кафтингни юқорига қил.
— Топ-тоза дедим-ку, — ±зғирди у.
— Битлиқи Мерининг ўзгинаси, — минғирлади Жерри.
Узоқ жимликдан кейин Том оғир хўрсинди ва танобийнинг тўридаги ваннахонага қараб кетди. Палмер бир лаҳза унинг ортидан кузатиб турди-да, озғин ота-онанинг ўғли учун унинг думбаси семизлик қилади, дея кўнглидан ўтказди...
Палмер иккинчи қаватдаги оилавий ошхонага йўл олди. Чироқни ±қиб қараса, дастурхон аллақачон тузалиб қўйилибди. Шамларни чақмоқтош билан ±қишга беҳуда уриниб кўрди, сўнг буфет тортмасидан гугурт топиб, уларни ±қиб чиқди.
У қаршидаги деворга, турли катталикдаги эски ғиштлардан ясалган чоғроқ каминга қараб қўйди ва Буфэ асаридаги эркак юзига разм сола бошлади. Бу одам ҳам тузалмаган ±ғоч столда ўтирар, олдида, столнинг ўзида чала ейилган балиқ бор эди. Нимқоронғиликда унинг чеҳрасида мовий, маъюс, оч кўзларидан бошқа ҳеч нима йўқ эди. Палмер чироқни ±қиб, эркакнинг юзида ҳеч нарса ўзгармаганини кўрди. Балиқларни ўзи еганми ±ки бировнинг сарқитига қараб ўтирибдими, билиб бўлмасди.
Каминнинг ±нида яна бир суврат: пишлоқ, иккита олма, пичоқ ва  вино шишаси тасвирланган натюрморт осиғлиқ эди. Палмер ±руғни аста пасайтирди ва барча буюмлардан фақат пичоқ кўриниб қолганининг шоҳиди бўлди. Таажжуб. Балки бу сувратларнинг қандайдир янги хоссасини кашф қилгандирман, мулоҳаза қиларди у. Рассомларнинг ўзлари бу ҳақда билганмикинлар? Унинг қулоғига Жерри билан миссис Кейжнинг қўшни хонада идишларни тарақлата±тганлари эшитилди.
Юқориги чироқни ўчириқли қолдириб, у зинапоя майдончасига чиқди ва пастдан кираверишдаги вестибюлга олиб чиқувчи зинапоянинг икки ўрамига назар солди. Ҳар бири 180га 25 сантиметр бўлган зинапоялар 7 сантиметрдан қалинроқ бўлмаган дуб тахталаридан ясалганди. Зинапояларни яхлит тортиб турувчи пластик орасидан ±ғоч хира акс этиб турарди. Улар бамисоли ҳавода муаллақ осилиб тургандек бўм-бўш эди. Палмер кайфи баланд одамнинг бундан қандай тушиб-чиқишини кўз олдига келтиришга ҳаракат қилди.
Шуларни ха±лидан кечирганча у бир қўли билан панжарадан тутганча зинапоядан туша бошлади. Худди ўйлаганидек бўлди. Бир о±ғини қўйиб, иккинчиси билан кейинги зинани пайпаслаганча ўз оғирлигини чамалаб кўрди – бамисоли ҳавода парвоз қила±тгандек бир ҳисси±тни туйди. У пастгача тушиб олди-да, у ±қ-бу ±қни қараб чиқиб, “Зинапоя қафаси” деган лавҳачани топди. Тугмачани босди. Иккинчи қават шифтига яширинган чироқларнинг нури зинапояни замонавий ҳайкалтарошлик асарига айлантирди. Уни томоша қилар экан, Палмер жилмайиб қўйди. Драматик асар. Таъсирчан асар. Жозибадор асар — гап йўқ.
У назорат тахтаси томонга бурилди ва ғилдирак кўрсаткичини асосий меҳмонхонага суриб қўйди. Чор-атрофни майин акс этиб турган ±ғду чулғади. Бу аввалига унга ±қмаган ягона хона эди, ҳаддан ташқари катталиги учун ±қмаганди. Унинг 7,5 га 18 метр келадиган бутун биринчи қавати асосан меҳмонхона ва майда-чуйда ±рдамчи хоналар қилиб қўйилганди. Унча катта бўлмаган фойе меҳмонхонанинг биргина бурчагини эгаллаган. Зинапоя ҳам бир четгинасида эди, бироқ режа бўйича у ҳам хонанинг меъморий бўлаги сифатида режалаштирилганди. Қуйи қаватнинг тўрдаги бурчагида уйни энлаб бир қанча майда хоналар жойлашган, булар вино сақланадиган ҳужрача, ваннахона, ±рдамчи ошхона бўлиб, таомни тортиш учун юқоридаги ошхона билан лифт орқали туташтирилганди. Меҳмонхонанинг ўзи 7,5 га 15 метр майдонни эгаллар, шифтнинг баландлиги 7,5 метр, поли дубдан, аралаш паркет терилган, олд томондаги сидирға ойнаванд деворга парда қоқилмаган эди. Алюмин панжара уни тўғрибурчакларга бўлиб турар ва орасидан бино олд деворининг кунгиралари кўзга ташланарди. Кечқурун ўтаётганлар меҳмонхонага олд девор оралиғидан мўралаш имкониятига эга бўладилар. Ва, дарвоқе, шундай фойдаланмоқдалар эди. Чирмовуқ ўсдирилгандан кейин, деди Палмер ўзича, тилла балиқчали аквариум кўнгилдагидай завқ бермай қолади. Лекин унгача, ўйлади у, ўтаётганлар олд девордан кириб келишга ўрганиб қолишади. Ёки кечқурунлари хонадан фойдаланишга ҳожат ҳам қолмас?
Зинапоя олдида турганида унга узундай бўлиб кўринган орқа деворда асосий нарса камин — мустамлакачилик ўчоғининг замонавий камолоти эди, лекин у шу қадар катта эдики, унга бир нечта одам тик туриб ҳам бемалол сиғарди. Ками¬ннинг қоқ ўртасида ўтин учун оддий қора чўян таглик ва икки метрча энликдаги панжара жойлашганди. Панжарада бир нечта  тараша, улар ёнида каминга тегишли буюмлар ва мароқли кўринишдаги қора темир чақмоқтош ётарди.
— Шу нарсанг ёмон хавфли-да, — деган эди у хотинига.
— Уни юз йилдан бери ишлатиб келишади-ку.
— Биздаги шу нарсани-я?
— Ҳа.
— Бирон янгироқ хилини ўйлаб топишолмабдими?
Хонага разм солар экан, Палмер унинг бўёғига эътибор беришни эсдан чиқараёзибди. Эдиснинг лакланмаган дубга мойиллигини маъқуллаган ҳолда пол чиройли деб қўйди. Девор ва камин оқ рангда эди. Чоғроқ орқа хоналарга очиладиган эшиклар қора, каминга тегишли нарсалар ҳам шу тусда. Дарҳақиқат, деди у хонага яна бир бор синчиклаб кўз югуртириб чиқиб, сувратлар  бошқача жон киритиб турибди. Уларнинг ҳар бири ўз чироғининг тагидан жой олган, бу девор оқини юмшатар ва мойбўёқлар ёрқинлигини кучайтирарди. Лекин қолган нарсалар хона кўринишига сира кўрк бағишламаётганди. Пастак стул ва деворларга дарахт пустлоғини эслатувчи мато қопланган. Бир нечта яшил ўсимлик ғилдирали оқ ва қора кўчма қутиларда турарди.
Бир гал билмасдан ва ғоят хотиржам тусда у  Эдисга бўёқларнинг маъносизлиги ҳақида айтганида хотини унинг танбеҳини мақтов деб тушунганди.
— Албатта, — деб жавоб берганди хотини, — хонада бўлган одамлар уни безаб турсин деган хаёлда шундай қилинган.
— Сен аёлларни назарда тутаяпсанми?
— Балки, — деди хотини, — мен бир неча ихчам-ихчам сидирға ранг гилам оларман.
Палмер тепада оила овқатга йиғилаётганини эшитди. У назорат шчитига қайтди, чироқни ўчирди ва энди кўзга кўринмай қолган зинадан кўтарила бошлади.
Уйига қайтаётиб машинада ҳис қилгани ёлғизлик туйғуси ҳозир зинадан кўтарилиб бораётганда ҳам вужудини қамраб олди. Эдис ва миссис Кейжнинг бир-бири билан гаплашаётгандаги гапларига эмас, балки фақат овозларига қулоқ тутди. Шу он Палмер тўсатдан кўнглида бошқа туйғуни, худди ёлғизликка ўхшаган кучли туйғуни ҳис этди.
Аввалига бу қанақа туйғу эканини билолмади У қандайдир танҳолик билан боғлиқдай эди, лекин барибир бу қандайдир бошқача эди. Ёлғизликни ёқимли, ҳатто ҳаяжонли қилувчи ўшандай кучли туйғу.
У кейин тушунди. Мана шу ойлар мобайнида Нью-Йоркда у тутуруқсиз меҳмонхона ҳаётини кечирди. Ҳамма нарса ўзгарди. Энди у ўзининг яна одатдаги ролини — ўз уйида оила отаси ролини ўйнамоқда эди, ҳатто юридик маънода ҳам уй эгаси масъулият ва мулкчиликнинг ола хуржуни бўйнига тушган эркак, вассалом.
Унинг ҳеч бўлмаганда Чикагода ўйнаган бу роли бошқа бир нарсани ҳам кўзда тутар эди. Уйдагиларга ёрдам бериш, гарчи сезилмас бўлса-да, уй юмушларининг бориши  устидан доимий назорат, миссис Кейж ва болаларга йўл-йўриқлар бериш.
Бошқача айтганда, деди Палмер, энди у pater familias  сифатида тўла тикланган. Аммо Виржиния Клэрининг борлиги булар барчасига қўшимча жиҳат бағишлагандай бўлди.
Палмер аслида бу роль қанақа бўлганлигини биринчи марта кўрди. У бу иккита роль эканини энди англади. Актер каби у иккиёқлама ҳаёт кечирарди. То ўйнаши лозим бўлган иккита Палмер бўлар экан, улардан ҳеч бири ҳақиқат бўлолмайди. Бутун ҳаёти тўқимадан иборат бўлиб қолади.
Палмер қоронғилик қўйнида мийиғида кулиб қўйди. Энди у ҳар иккала туйғусини ажрим қилиб олганди. Актёрга ўхшаб, алоҳидалик туйғуси бор эди унда. Алоҳидалик билан яна сенга қараб турганларини англаш туйғуси шунга чамбарчас боғланиб кетганди.
Оила отаси. Жазман ота. Бунақа ролларни ҳар ким ҳам уддалайвермайди, ўйлади у. Ҳар ким ҳам бир вақтнинг ўзида эр ва ўсмир ролини ўйнаёлмайди. Кутилмаганда унинг миясига бир фикр урилди: ўзи кимдир — қачондир уддалаганмикан?
— Вуд, азизим.
— Келаяпман.
У аввалига зулматда кўзга кўринмаётган зинапоялардан секин, ҳадиксираб юқорига кўтарила бошлади, ёруғроқ бўлган жойда эса одимларини жадаллатди. Ошхона эшиги тагида тўхтади. Эдис чироқларни чарақлатиб ёқиб қўйганди. Хонага қараб кўз қамашарди, болаларнинг чеҳралари ёқимли ва деярли беғубор эди.
— Парда очилди!


Ўттиз еттинчи боб

Бу вақтга келиб, поезд Манҳеттеннинг юз йигирма бешинчи кўчасидан қўзғалганида ва Олбани томон шимол сари гумбурлаб йўл олганида вагонда битта ҳам бўш жой қолмаганди. Бироқ, Палмер кўпчилик қатори чиптани олдиндан олдириб қўйганди. Қолган йўловчилар вагонни шошмай, эринчоқлик билан тўлдира бошлаган эдилар. Уларнинг чеҳраларидан: “Модомики шу жой бизники эканми, қиттак-қиттак отиб олиб, кейин бемалол чиқиб ўтираверамиз-да”, деган қандайдир бамайлихотирликни алайна ошкор сезиш мумкин эди.
Палмер аста-аста виски ҳўплар экан, стакан тепасидан ўз ҳамроҳларини кузатарди. Ҳаммалари шунчаки олифталикка ичишаётгани очиқ кўриниб турибди, хаёлидан ўтказди у. Самолётнинг йўриғи бошқа — асаби бўш сайёҳлар учун алкогол — энг яхши тинчлантирувчи восита. Вагонда эса йўловчилар бир-бирлари билан гурунглашиб ҳам, у ёқдан-бу ёққа бемалол юриб туриб ҳам вақтларини ўтказса бўлади. Фақат бундай имконият ўтириб кетиладиган купелардагина йўқ. Тўрт соатлик бекорчиликни америкаликлар бир жойда қимирламай ўтириб ўтказишни афзал кўрадилар.
Чунки, ўй суришда давом этди Палмер, бир жойда қимир этмай ўтирганимда атрофдагилардан беихтиёр узиласан ва ўзинг билан ўзинг қоласан. Шунда хаёл суришдан бошқа ишинг қолмайди.
Вискидан ҳўплар экан, Палмер мийиғида кулиб қўйди. Бу ёғини сўрасанг, америкаликлар хаёл суришдан қочишга ўрганиб қолишган. Темир йўл станциялари ва аэродромларнинг киоскалари бунинг яққол далили. Юмшоқ муқовали журнал ва китобчаларга тонналаб қоғозу бўёқлар сарфланган — булар бари вақт ўғрилари бўлиб, шууринг деворини чақирилмаган ўйлар келиб дукиллатади-да, зерикарли узоқ-узоқ соатларни тўлдиришга кафолат беради.
Деразадан боқиш учун Палмер ўриндиғида ўгирилди. Қиш қуёшининг сўнгги нурлари тез сўниб борарди. Яна бир лаҳзадан кейин манзара бутунлай сидирға тус олди — у ёқдан фақат оч-сариқ тимқора бўёғу заиф пушти тутунгина кўзга ташланарди. Сўнг уфқ осмони ҳам қоқ тепадаги каби тимқора тусга кирди. Ҳаммаёқ бир хил рангда. Тун тепаликларни ҳам текислаб юборди, ҳозиргина уй ва чорраҳалар айқаш-уйқаш бўлиб ётган жойда ёрқин чироқларгина чарақларди.
Палмер оҳиста хўрсинди — кун ботишига ҳали бир неча дақиқа бор, деб ўйлади. Кимдир унга айтган эди — Виржиния бўлса керак, Гудзон воҳасида йўллар жуда чиройли бўлади деб. Ҳозир эса бу йўл Олбанигача унда-бунда учраб турадиган тунги қишлоқлар манзарасидан бошқа ҳеч нима тақдим этмаётганди. У кўзларини юмди ва охири пинакка кетди.
Олбани шаҳрининг қадимий станциясида негр ҳайдовчи унинг фуражкаси четидан туртди:
— Мистер Палмер, сэр?
Палмер унга ягона юки бўлмиш жомадонни тутқазди-да, ҳайдовчи ортидан тутунли платформа ёқалаб кетди ва кейин пешоб ҳиди уриб турган бетон зинапоядан бир қават пастга ўтди. Йўлак чеккасида узун кулранг “флитдут” турарди. Ҳайдовчи Палмерга машина эшигини очди. Ичкари иссиқ эди.
— Мистер Бернс тўғри “Форт Оранж” клубига боришни тайинлаган эди, сэр, — деди ҳайдовчи машинани тезликка солар экан.
“Форт оранж” клуби бир неча қаватли паст-баланд қилиб қурилган готик услубидаги қоп-қора бинолар туркумидан иборат эди. Тун қоронғилигида унинг барча деразаларидан чироқ порларди. Ҳайдовчи ортидан Палмер бинога кириб келди. У нима қилишини билмай фойеда тўхтаб қолди. Бурчакдаги идорачадан бир кекса хизматкор унга пешвоз ўрнидан турди.
— Сизни кутаяпти, мистер Палмер, — деди у баланд қалтираган овозда.
Палмер ҳайдовчига чойчақа берди-да, қўйиб юборди.
— Мистер Бернс хона буюртма қилиб қўйган бўлса керак?
— Ҳа, мистер Палмер, 2б, — жавоб берди портье. — Йўқ демасангиз, жомадонингизни юқорига олиб чиқиб берай. Мистер Бернс сизни ҳордиқ хонасида кутаяптилар.
Палмер бурилиб зинадан кўтарила бошлади.
— Бориб, келганимни айтинг, — деди у кулгисини босиб.
— Ҳозир, сэр. Хизматкор жомадонга югурди, бироқ бирдан тўхтади, оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу оёғига солиб, нима қилишини билмай тараддудланди: аввал жомадонни олиб кирсинми ё Бернсга хабар берсинми. — Ҳозир, сэр, ҳозир.
Кенг зинанинг деярли ярмига етганида Палмер орқасига ўгирилди ва хизматкорга ёмон ўқрайиб қаради. Хизматкор дарҳол англади-да, ўқдай учиб келиб, уни хонаси томон бошлаб кетди.
Чамадонни ичкарига қўяр экан, хизматкор сўради:
— Сизни ҳозир тушадилар деб айтайми мистер Бернсга?
— Келганимни айтсанг, бас.
Портье кетди.
Гарчи хона катта бўлса-да, бесўнақай мебелдан торга ўхшаб кўринарди. Кроватнинг эндор мис суянчиқлари оралиғидаги парқу тўшакда ётиш улкан искабтопар қорнида ётиш билан баробар, дея кўнглидан ўтказди Палмер.
Ванна катталикда ётоқ бўлмасидан қолишмасди. Жиҳозлари ҳам бақувват-бақувват эди. Бу ерда фақат ваннада чўмилиш мумкин, аммо душнинг иложи йўқ эди.
Ётоқ бўлмага қайтиб келиб Палмер кийимларини ечди. У ювинаётганда кимдир эшикни чертди.
— Киринг.
— Вуди, қўзичоғим?
Палмер артинди-да, Бернс билан кўришгани чиқди. Улар чурқ этмай туришарди. Бернс ҳар иккала қўлида тўла-тўла стакан тутиб турарди. Улардан бирини Палмерга узатганида кўйлаги енгидаги тугматўғноғич жиринглаб кетди.
— Салом, бобой!
Палмер стаканни олди, аста кўтарди ва майда-майда ҳўплай бошлади.
— Шошма, мен аввал кийиниб олай, — дея у стаканни қўйди-да, жомадонни титкилай кетди.
— Ву-уди! — чўзиб деди Бернс атайлаб кўнгилчанлигини билдирмоқчидай. — Ву-уд, чироғим! Нега қовоғинг солиқ? Яхши етиб келдингми, ишқилиб?
Палмер бошини чайқади:
— Мен Сиракузага эртага кундузи учишни мўлжаллагандим, кечқурун қайтиб кетмоқчи эдим. Нима, дунёга ўт кетдими?
Бернс хўрсинди ва чуқур ўриндиққа чўкди.
Кўйлагини кия туриб Бернсга назар солар экан, Палмер унинг қаттиқ толиққанини англади.
— Кўринишим ёқмади, а, топдимми? — сўради Бернс томошабин кўнглини дарҳол пайқаган актёрларга хос зийраклик билан. — Сени деб мен бу ерда ўзимни ўтга ҳам, чўққа ҳам урдим, азизим Вуди. ЮБТК учун жонимни аямадим, ўлгудай тармашдим. Сўнгги саккиз кунда ўртача уч-тўрт соатдан ухладим-ов. Мижжа қоқмадим десам ҳам бўлади.
— Чакки бўлибди, — деди Палмер, кўйлагини шими ичига соларкан. — Аммо такрор айтаман, менинг зудлик билан бу ерга келишим шартмиди?
Бернс унга қошини чимириб тикилди:
— Нимадандир хафамисан, жўражонгинам.
— Йўқ, шунчаки, қизиқяпман.
— Гап оҳангингга қараганда менга аччиқ қилаётганга ўхшайсан.
— Йўқ, — алдади Палмер. — Поезддан кейин бўларим бўлди. Айниқса, нима учун бориб келганимни тушунмаганимдан кейин.
— Кўпгина сабабларга кўра, — жавоб берди Бернс. — Сен бу ерда шахсан иштирок этишинг зарур.
— Фойдали одамлар жамоасига ўзимни кўрсатаманми? Шуям баҳона бўлди-ю.
— Қисман ҳақсан, Вуди. Дам олиш хонасига тушиб, бир нечта демократик партиялар раҳбарлари билан валақлашамиз. Бу яхши таассурот қолдиради. Кейин республика партияси барзангиларидан бири ташкил қилган “Тэн Эйк” йиғилишига борамиз. Бироқ, бу ишнинг бир қисми холос. Сен менга шу ерда, ҳафта давомида бу арбобларга сотган нарсаларимни мустаҳкамлаш учун кераксан.
— Ҳайит арафасида бу ерда арбоблар кўп бўлмаса керак.
— Улар эртага тарқалишади. Шунинг учун сени зудлик билан келишга мажбурладим. Бугун оқшомда шундай тадбирларнинг охиргиси бўлади. Таътил тугагандан кейин эса, ҳатто ўйласанг кўнгил айнийди — сессиялар бошланади. Шундай қилиб, ё бугун, ё ҳеч қачон.
Палмер жамадонидан янги бўйинбоғ олиб, жавондаги узун, туссиз ойнага ўзини солди.
— Бу ерда нималар билан кўнгил очдинг?
— Орзулар билан. Яна нима билан шуғулланишим мумкин?
— Қанақа орзулар?
— Бернс елкасини қисди. Палмер ойнада унинг бу қилиғини кўриб, бир лаҳза ўз аксига эмас, унга қаради.
— Аниқроғи?
— Бир нечта шу ерлик йигитлар, асосан, ҳуқуқшунослар бизга фойдали бўлиши мумкин. Уларга қарз сўраган мижозлар учун омонат банклари ҳеч вақо бермаслигини, фақат тижорат банкларигина ёрдам кўрсатиши мумкинлигини айтдим.
— Биронта кафолат бердингми?
— Овоз бериш масаласидами? Ҳали жуда эрта.
— Қарз бериш масаласини айтяпман.
— Қарз бериш? Мен? — Палмер қўлларини кўтарди, бирлаштириб, кўксига босди. — Мени ким деб ўйлаяпсан? Бирорта аҳмоқ дебми?
— Шунчаки сўрадим.
— Вуди! — Яна сўзлари гўё бошлари устида муаллақ қолгандек бўлди. — Вуди, болакай, — давом этди Бернс. — Мендан жаҳлинг чиқаяпти, тан ол.
Палмер ўзини тутолмагани учун ойнага қараб, афтини бужмайтирди ва Бернс ишонмаслигини ўйлаб, жавоб беришдан олдин бўйинбоғини ҳафсала билан боғлади.
— Мак, — гап бошлади у. — Ақлинг расолигига шубҳа қилмайман. Мулоҳазакорлигингга, сиёсий сезгирлигингга, садоқатингга, куч-қувватингга тан бераман. Фақат банкирлик қобилиятинг борлигига ишонмайман. Банкир сифатида ҳеч нарсага арзимайдиган одам бўлишинг мумкин. Шу боис, қарз масаласида тезкор музокара олиб бораяпман деганингда, ажабландим.
Бернснинг узунчоқ юзи табассумдан ёришиб, пастки лаблари роҳатланганидан ёйилиб кетди.
— Мен банкир эмасман, йўқ. Гапимга ишонавер, болакай, буни биламан. Бироқ мен аҳмоқ ҳам эмасман. Молиявий масалаларни сенга қолдираман.
Палмер ўгирилиб, унга тик қаради.
— Шунинг учун келдимми? Қарз ҳақида гапириш учун-а?
Бернснинг узун, озғин қўллари Палмерга чўзилди, у олифталик билан инкор маъносини билдирди.
— Вуди, азизим, сени ҳеч қачон бунақа вазиятда ташлаб қўймайман. Ўйлаб кўр, Мак Бернснинг қарз ҳақидаги шамаларига ким ҳам ишонарди? Бироқ Мак Бернс билан Вуди Палмер Олбанида бирга юришса — ишонишади. Шубҳалар ҳатто миллион йилда ҳам амалга ошмаслиги мумкин, бироқ уларга ишонишади. Сенга орзулар ичида яшаганимни айтдим, Вуди.
— Боя айтганимдек, Мак, айнан шунинг учун ҳам сен ҳеч қачон банкир бўлолмайсан.
Бернс бироз жим қолди.
— Раҳмат, — деди ниҳоят.
— Сен бу гапни мақтов деб тушунмаслигинг керак.
— Бунга эмас, имло хатоимни тўғрилаганинг учун раҳмат.
— Қанақа хато?
— Муғамбирлик қилма, Вуди, “Мен шундай дедим”ни сен “Мен айтганимдек” деб тўғриладинг. Мен айтганимдек. Вуди, мен аҳмоқ эмасман. Шаманг учун раҳмат.
— Бу ҳатто хаёлимда ҳам йўқ эди. Энди кимдан кўпроқ жаҳли чиқяпти?
Бернснинг сарғимтил — қўнғир кўзларида ўзгариш кўринмас, улар хотиржам боқарди. Кейин бу кўзларда масхараомуз истеҳзо пайдо бўлди.
— Кечир, қария, — деди у. — Сени яхшироқ билиб олганимдан кейин дастлаб нималарни ўйлаганимни гапириб бераман. — У кўкрагига урди. — Ичим-даги гапларни...
Палмер бўйинбоғини кўнгилдагидек қилиб боғлади. Кутилмаганда хаёлига: Бернснинг хонадонида тушириб юборган тўғноғичимни Виржиния эмас, у топиб олганда, нима бўларди? — деган фикр келди. У хаёлларини маълум бир йўналишга солаётгандек, бошини силкитди.
— Нима бўлганда ҳам менда сен қадрлайдиган айрим маълумотлар бор, — деди у.
Бернснинг юзида яна бефарқлик аломати зоҳир бўлди.
— Ҳа?
— Биржа маълумотлари. Хоҳлайсанми?
Бернс кинояли кулимсиради.
— Хоҳлаган пайтингда, азизим.
— Улар сенга кулгили кўринади, — гап бошлади Палмер. — Балки “кулгили” деганим ўринли эмас, сийқаси чиққан гапдир. Мен ЮБТКнинг акциялари ҳақида гапиряпман.
Бернс кулиб юборди:
— Мана буни янгилик деса бўлади. Улар бир ойдан буён кўтариляпти.
— Бироқ жуда секин.
— Сен катта сакрашни кўзда тутаяпсанми?
— У бошланса ЮБТК акциялари икки кунда 10 бандга кўтарилади.
Бернснинг қошлари туташди.
— Нима учун?
— Ҳеч қандай изоҳга ўрин йўқ. Шунчаки, маълумот.
— Яхши. Қачон?
— Бу — мен аниқ айтолмайдиган ягона нарса.
— Аниқ билмаслигинг ғалати.
— Агар бу сакрашни қандайдир йўл билан якка ўзим тайёрлаганимда, — тушунтирди Палмер, — сенга “қачон”лигини ҳозир лўнда қилиб айтиб берардим. Бироқ бу менга ҳам, ЮБТК дагиларнинг бирортасига ҳам боғлиқ эмас.
Бернс оромкурсидан олдинга қараб энгашди:
— Унда, кимга боғлиқ?
Палмер елкаларини қисди. У стаканини олиб, Бернснинг каравотидан нарисидаги оромкурсига ўтирди.
— Номаълум валинеъматга.
Бернс ғайришуурий равишда стаканини кўтарди, бироқ негадир ичишни унутди.
— Вуди, болакай, мен билан ўйин қилма. Сен буларни қаердан олдинг?
Палмер қадаҳни ичиб бўшатди. Кейин чамадонини очиб, бир нечта папка олди.
— Битимлар рўйхати, — деди у. — 30 октябрдан бошланган. Ким сотган. Ким сотиб олган — ҳаммаси шу ерда.
Бернс ўрнидан туриб, каравотни айланиб ўтди. Палмер уни кузатиб турди. Бернс кутилмаганда уйғонган қизиқишини яшириш учун иложи борича секин юриб, унга яқинлашди.
— Унда нималар бор экан? — сўради у.
— Ким сотгани, ким сотиб олгани.
— Қани-қани? Улардан нимани англаяпсан?
— Ҳеч нарсани.
— Бутунлайми?
— Бутунлай ҳеч нарсани.
Бернс бошини ёнига эгди.
— Сен мени лақиллатмоқчимисан, Вуди? — у оромкурси ёнига қайтиб, унга ўгирди. Палмер рўйхат уни қизиқтирмай қўйганини англади.
— Танлашиб олиш учун вақтимиз етарлими?  — сўради Палмер.
— Беш — ўн дақиқа.
— Сен Роберт Р. Янг “Нью-Йорк сентрал” устидан назоратни қўлга олган пайтдаги катта жанжални эслайсанми?
— Албатта. Ким эсламайди?
— Менинг отам банк вакили эмас, йирик акциядор бўлган Уайт маъмуриятига содиқ инсон сифатида у Янг “Сентрал”ни тортиб олмаслигига ишонарди. Катта можаро очиқчасига бошланганда у ҳар бир зарбани кузатиб турди, ҳатто у Янгнинг ғалабаси билан тугаганда ҳам бунга ишонмай юрди.
— Бу чинакамига ғаройиб воқеа бўлган эди.
— Ҳаётий тажрибаларига қарамасдан отам раҳбариятга қарши жанг қилиб, юксак ғалабага эришиш мумкинлигини тасаввур қилолмасди. У жанжал ва муштлашув акцияларни харид қилиш борасида Янг талаб қилган оғир таклифларга қарши қилиняпти деб ўйлаган.
— Аслида ҳам шундай эмасмиди? — сўради Бернс.
Палмер яхна ичимлик ҳўплаганича, жилмайди.
— Биз, чамаси, ҳеч қачон буни билолмаймиз. Кўряпсанми, бизнинг кунларимизда очиқ жанг бошлангунга қадар фақат шовқин-сурон қолади, бошқа муҳим нарсалар унутилиб кетган бўлади. Жанг сўнгги дақиқага қадар яширин ҳолда олиб борилади. Компанияда раҳбарликни эгаллаган кимса, етилиб келаётган жанжални фаҳмламай ўз иши билан тинчгина шуғулланиб юраверади. Вақт-вақти билан улар ҳам қандайдир шовқин-суронни эшитиб қоладилар. Булар албатта, бошқача фикр юритувчи акциядорларники. Улар бир умр шовқин солишади. Бироқ раҳбарият ҳақиқий аҳволни тушунмайди. Жуда эҳтиёткорлик билан ҳамма ердан оз-оздан акция сотиб олишади. Юзтасини бу ердан элликтасини нариги ердан. Бугун мингта, эртага яна мингта. Буларнинг ҳаммаси меъёрдаги фаолликни билдиради. Яъни, аввалдан ўйлангандек кўринади.
Бернс бош чайқади:
— Бунақанги суръатда кимнингдир ҳаёти фақат назоратни эгаллаш билан банд бўлади.
— Баъзида яширин ҳаракатлар йиллаб давом этади. Уни тезлаштириш мумкин эмас. Ҳаддан ташқари фаоллик шубҳа туғдиради.
— Тушунарли. — Бернс соатига қаради.
— Агар югуришимиз керак бўлса, гапимни бошқа бир кун тугатишим мумкин, — деди Палмер.
— Йўқ, йўқ. Давом эттир.
— Жонингга тегмадимми?
— Мен юқори даражали найрангбозлар орасидаман. Вуди. Ўзинг тушунасан-ку.
— Гаров ўйнайманки, етиб борасан. — Палмер озгина виски ичди. — Хўп, майли. Акция сотиб олишнинг зерикарли жараёнини бошқа воситалар билан ҳам тезлаштириш мумкин эмас: бу биржада нархларни бирдан кўтариб юбориши мумкин. Бунинг ҳожати йўқ. Бу барча жараёнларни муддатидан аввал қимматлашиб кетишига олиб келади. Муваффақиятлар гарови нархларни номигагина кўтарилиб ёки пасайиб, турғун ҳолда бўлиши. Шунда сиз тортинишни йиғиштириб, ким сизга акциянинг йирик пакетини сотса, ўшанга ўн банд мукофот таклиф қиласиз. Сиз имкони бўлган ҳамма нарсани бозор нархида сотиб олиб бўлгансиз. Энди тайёргарлик даври тугади ва сиз акцияларни 5000 дан сотиб ола бошлайсиз. Эслашимча, бундай усул бир неча марта фойда берган. Бироқ бирортаси эҳтиёткорликни йўқотса, йиқилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас, ёки нархлар ҳаддан ташқари тез кўтарилиб турса, ёхуд банк маъмурияти нима бўлаётганини англаб қолса, ёки ҳокимиятга интилаётган гуруҳларнинг пули тугаб қолган бўлса...
Бернс лоқайдлигини очиқ кўрсатиб, бўшлиққа тикилди. Орадан бир дақиқадан ортиқ вақт ўтгандан кейингина у Палмернинг гапи тугаганини англади. Стаканини қўлига олиб, ўзини ўнглади ва ишбилармонларга хос қиёфада виски ича бошлади. Кейин ўрнидан туриб шкаф ойнаси олдига борди. Усти-бошини кўздан кечириб, кўз остида қорайиб турган халтачалардан бирини босиб кўрди, хўмрайиб, кафти билан сочини силлиқлади. Бир сониядан кейин ваннахонага йўл олди. Палмер қувурдан шариллаб оқаётган сувнинг овозини эшитди. Кейин ҳаммаёқ жимиб қолди. Бернс стакан тўла сув кўтариб қайтди. Тўхтаб, шошилмасдан сувни ича бошлади. У хўрсинди.
— Қани, кўрайлик-чи, мен сени тўғри тушундиммикин, — деди ниҳоят.
— Марҳамат.
— Сен кимдир Бэркхардтнинг маъмуриятини сиқиб чиқаришга уриняпти, деяпсанми? Шунинг учун акциялар баҳоси ошяптими? Шу туфайли яқин кунларда бирданига ўн бандга кўтариладими?
— Тўғри. Агар номаълум рақибимизнинг ҳамма иши яхши кетаётган бўлса.
Беркс Палмернинг тиззасида ётган рўйхатни кўрсатди.
— Ким эканлигини фаҳмлай олмайсанми?
— Билолганимда, у ғирт тентак одам бўлиб чиқарди. Бу ерда ҳеч ким ҳеч қачон эшитмаган исмлар ёзилган. Бу одамлар бутун АҚШ ҳудуди бўйлаб тарқалган. Ишончинг комил бўлсинки, номаълум корпорацияларнинг ишончли ҳамма омонатчилари нафақахўрлар, унча катта бўлмаган суғурта компаниялари ва ака-укалар, турмушга чиқмаган холажонлар, котибалар ва яна кимлигини худо биладиган одамлар бўлиб чиқади.
— Бу одамларни акция сотиб олишга қандай мажбурлашган?
— Бу жуда осон. Ҳокимиятга интилувчи гуруҳлар акцияларнинг нархи ошишига кафолат беришади. Ҳалол ишлаганда аслида шундай бўлиши керак-да. Бу гуруҳлар тарқоқ акция эгаларидан акцияларни қайтариб олишмайди. Уларга шунчаки, ҳокимиятга интилишларини қўллаб-қувватловчи ювош омонатчилар керак.
— Буни тушунаман, — Бернс унга ишонч билдирди. — Мен буни англаб етгунимча, Вуди, кимдир ЮБТК устидан назорат қилишни ўз қўлига олмоқчими? Бу — кимга керак? Ва асосийси, назорат пакетини эгаллаш учун кимда шунча пул топилади?
— Ғалаба аниқ бўлса, пул ҳамиша топилади.
— Бернс аста бош чайқади.
— Ишлар чатоқ, — тўнғиллади у. — Ишлар чатоқ.
— Унинг қанча қисми, Мак? Кимдир... Шундай қилмоқчими ёки мен моҳиятига шунчалик чуқур кириб бордимми?
Бернс ҳайрон тикилди:
— Бу билан нима демоқчисан?
— Ўзимнинг ҳам ишончим комил эмас. Балки, ҳеч гап йўқдир. Балки, таваккалига, ўқ отишдир.
Бернс анчагача Палмердан нигоҳини олмади. Ва ният бошқа томонга қаради.
— Ҳа, майли, ўйлайманки, сенга ўхшаган пултопар йигитлар учун бу — ҳеч гап эмас.
— Агар сенинг хусусий компаниянгда юз берса, ҳеч қачон “ҳеч гап эмас” деёлмайсан.
— Тўғри айтдинг. Нима қилмоқчисан?
— Палмер идишдагини ичиб тугатиб, ўрнидан турди.
— Гап шундаки, менда ЮБТК акциялари йўқ. Мен оддий хизматчиман. Бу — Бэркхардтнинг ташвиши.
— У биладими?
— Найрангларними? Билиши керак. Мен айтгандим.
— А? — Бернс ўйчанлик билан пешонасини тириштирди. — Майли, қария, бу — бизнинг оқшомги ташрифимизга ўзгартиш киритмайди, шундай эмасми? Биз ҳали яна бир нечта жамғарма банкларини дабдала қилишимиз керак.
— Шундай қиламиз. — Палмер пиджагини кийиб, эшик томон йўналди.
— Албатта. Агар бу вазиятни ўзгартирмаса, — эҳтиёткорлик билан қўшиб қўйди Бернс.
— Нега у вазиятни   ўзгартириши керак? — Палмер унга қараш учун тўхтади. — Бирининг иккинчисига алоқаси йўқ.
У Бернс сусткашлик қилаётганини кўриб, тунд башарасидан бирор нарса уқишга уринди. Ахир у Бернсга атайлаб биржа аҳволини моҳирона уюштирилган найранг деб тушунтирди. Ва ЮБТК назоратини қўлга олиш устида кетаётган жангни жамғарма банклар учун бўлаётган уринишларга алоқаси йўқлигини аниқ таъкидлади. Аслида, мулоҳаза қилди Палмер, иккови ҳам битта нишонга уришяпти. Оддийгина акция сотиб олиш билан ЮБТКда катта корпарация устидан назорат қилишни қўлга киритиб бўладими? Бернс бир нарсада ҳақ — ҳаммада шунақа пуллар бор. Бироқ бундай жангда пул ягона восита бўлмайди, ўйлади Палмер. Банк дирекциясини обрўсизлантириб, кўпчилик акциядорларни ўз атрофига йиғиши мумкин. Оқибатда акциялар сонининг аҳамияти бўлмайди. Асосийси, йирик аксиялар кимни ёқлашида. Агар Лейк Бэрнхадтни руҳий касал, шунинг учун талвасада жамғарма банклари билан ҳисоб-китоб қиляпти деб гап тарқатилиб, шармандаларча мағлуб қилинса, ана шундагина пулдан кўра қимматроқ қурол пайдо бўлади.
— Кетдик пастга, сиёсат билан шуғулланамиз, — ниҳоят таклиф қилди Палмер.
— Кетдик. — Бернс зўр бериб хонадан ниманидир қидира бошлади. Ваннага кирди, бир дақиқача ўтгач, у ердан юзида таажжуб билан чиқди.
— Тумовга қарши доринг борми?
— Бўлса керак.
— Жиндай тумов бўлибман, дорим тугаб қолибди.
— Сигарет сотиладиган докончада кичик қутичалари бўлади.
— Тўғри. — Бернс эшик ёнида турган Палмернинг ёнига борди. Ширин жилмайди. Қандайдир лаҳзада йўлбарс кўзларидек ўткир кўзлари мулойим боқди. — Сенда керакли дори бўлишини билардим, болакай.
— Нега айнан менда?
— Билмадим. — Табассум кулгуга айланди. — Шунчаки, хаёлимда бу доридан тез-тез фойдаланиб турасан, деб ўйладим.
Бернс эшикни очиб, ташқарига чиқди.



Ўттиз саккизинчи боб

Палмер эртаси куни соат ўнда уйғотишларини сўраган бўлса-да, соат ўн бирда ҳам ҳамон ўринда ётарди. Навбатчи соат ўнда қўнғироқ қилди ва Палмер унга барча сўраганларга кечроқ қайта қўнғироқ қилинглар, деб тайинлашни илтимос қилди. Палмер яна бир соат узуқ-юлиқ тушлар кўриб ухлади.
Ана шундай тушларнинг бирида Палмер Бэркхардт билан нонушта қилди. Суҳбат ўртасида у сочиқчасини кўтарди ва Бернс қидираётган дори турганлигини кўрди.
Палмер уйғониб, ёнбошига ағдарилди ва яна уйқу элитмагунча, қимирламай ётди. Охирги туши жуда узоқ давом этдим... У ойнадан қараб турган аёлга қувонч билан қўл силтади. Улар қучоқлашдилар. Аёлнинг қўллари йўқ эди.
Палмер уйғониб кетди ва тушидаги кўрган “тумов дориси”нинг мағзини чақишга уринди. Қўлсиз аёлни кўз олдига келтириб, юраги эзилди. Сўнг фақат дорини ўйлаб, бошқа тушларини унутди.
Ниҳоят, батамом уйғониб, каравот четига ўтирди ва бунчалик уйқу босганига ҳайрон қолди. Бернс уни соат иккида, шаҳарнинг ишбилармонлар қисмида ўтказилган зерикарли оқшомдан кейин тунги соат иккиларда “Форд Оранж”га қайтариб олиб келди. Кейин, клуб салонида унча катта бўлмаган жамоа йиғилди. Бу ерда Палмер бироз ичди. У соат учга яқин, балки ҳатто эртароқ ухлагани ётганини эслади.
Палмер ўтган оқшомда юз берган воқеалардан энг яхшиси — меҳмонхонада ўтказилган кичкина ўтириш деб ҳисоблади. Унда асосан эркаклар бўлганди, бир-иккитасигина хотинлари билан келган, шунингдек, бир неча аёл иштирок этганди. Палмер бу аёлларнинг гапларини деярли эшитмади. Суҳбатни фақат эркаклар олиб боришди: кексалар, ўрта ёшлилар, озғин, семиз — умуман, ҳар хил тоифадаги, штатларнинг ҳамма чеккасидан, Ўрта Ғарбдан келган, қиёфаси ҳам, мақсади ҳам турли-туман одамлар йиғилган эдилар.
Бу жамоа менинг тенгим эмас, деб ўйлади у...
Ниҳоят, ўрнидан туриб, дераза олдига борди. Нима учун у Бэркхардтга ўзини мана бу сиёсатчи ҳайвонлар билан битта саҳнага чиқариб қўйишига йўл берди?..
Албатта, деб ўйлади Палмер деразадан боқиб, айрим арбоблар жуда ҳам банд. Масалан, Калхэйн хилидаги одамлар қўл етмас ҳокимиятлари билан ўзларига жалб қилишади. Улар билан иш олиб бориш мумкин...
Палмер кескин ўгирилиб, телефон ёнига келди.
— Жаноб Бэрнсни, илтимос, у қаерда бўлса ҳам...
Навбатчи шаҳарнинг қаеридадир юрган Бернсни топишига камида беш дақиқа вақт кетди.
— Вуди, болакай, уйғондингми?
— Мак, мени Сиракузага олиб боришга ҳожат йўқ. Мен шу ердан ижарага машина оламан-да, бугунги нутқдан кейин Нью-Йоркдан тўғри Сиракузага учиб кетаман.
— Азизим, бу — мен учун фақат ҳузур бағишлайди. Сени олиб бориб қўйиш менга роҳат-ку.
— Ҳожати йўқ. Бу ерда, Олбанида мендан нимани кутган бўлсанг — бажардим.
— Нега бундай деяпсан?
— Мен тўғрисини айтяпман. Сен, шундай қилиб, Нью-Йоркка жўнашинг мумкин, мен ҳам. Акс ҳолда бугун оқшомда машинада орқага, Олбанигача қайтишингга тўғри келади. Биз Нью-Йоркка фақат эртага етиб борамиз.
— Ҳм. Ақлли гап. Бироқ мен сен билан яна баъзи нарсалар ҳақида гаплашиб олмоқчи эдим.
— Байрамдан кейин вақтимиз кўп бўлади.
— Бизга келганда топилмай қолади-да. Уч-учини боғлаш зарур бўлган ишлар кўпайиб қолди. Сен бўлсанг нутқ сўзлаб, штатлар бўйлаб айланиб юрасан.
— Учрашиш учун вақт топамиз.
Бернс жим бўлди.
— Тасаввур қила олмайман: ЮБТКнинг вице-президенти ижарага олинган шалоқ аравада юрса.
— Алжирама.   
— Тўғри гап, Вуди. Ҳеч бўлмаса машинам билан ҳайдовчимни бериб турай, рози бўл. У сени Сиракузага олиб бориб қўйиб, кейин мени олиб кетгани Олбанига қайтади. Майлими?
Палмер ўйланиб қолди. У Бернсга қарашли машинадаги “8” белгисини кўрган, бу машина ижарага олинганини билдирарди. Бернс уни алдамоқчими?
— Мак, ортиқча вақт учун лимузин ёллаш ўзим машина ҳайдаганимдан кўра қимматга тушади, — деди Палмер.
— А? — Бернс бир лаҳза жим қолиб, бепарволик билан сўзлади:
— Вуди, банкир менга иқтисод қилиш ҳақида маслаҳат берса, амал қилганим яхши.
— Дуруст. Мен сени ҳафтанинг охирида, Нью-Йоркдан топиб оламан.
— Майли, Сиракузадагиларнинг таъзирини бер.
Палмер маҳаллий ижара идорасига қўнғироқ қилиб, кредит карточкаси ва Нью-Йоркдаги яшаш манзилини билдирди.
— Сиракузадаги меҳмонхонадан жой ажратиб қўяйликми?
— Бунинг кераги йўқ, — жавоб берди Палмер ходимга. — Бугун оқшомдаёқ уйимга учиб кетаман.
— Ундай бўлса, самолёт учун жой брон қилиб қўяман.
— Шундайми? Жуда яхши. Ярим тундагисига бўлсин.
— Бу — 53-рейс бўлади. У Нью-Йорккача ҳеч қаерга қўнмай учиб боради.
— Сиракузага қанча вақтда етиб борилади?
— Икки соатда.
— Яхшиси, меҳмонхонадан жой буюртиринг. Анча вақтим қоларкан.
— Машинани меҳмонхона ёнидаги идорага қолдирасиз. Улар бунгача сизга самолётга чипта буюриб қўйишади.
— Палмер гўшакни илиб, ювиниб, костюмини алмаштириш  учун ечина бошлади. Сафар давомида Бернсни кўрмаслигидан хурсанд бўлиб, ҳатто енгил ҳуштак чалгани ҳолда ювинди. Бернс билан узоқ вақт бирга юриб бўлмасди. Бироқ ҳозир, Палмер уни ЮБТК устидан назоратни қўлга олишни мўлжаллаяпти деган шубҳага бориб, кўргани кўзи бўлмай қолди.
У нима бўлганда ҳам Палмернинг гапларига совуқ муносабатда бўлди. Бутун оқшом бу ҳақда эслатмади ҳам. Палмер унинг дори ҳақидаги шамасини қулоғига қуйиб олди, албатта.
Артиниб бўлган Палмер хаёлчан туриб қолди. Нима бўлганда ҳам тумов дориси ҳақидаги шаманинг маъноси нима эди? Ё Бернс Палмердан бирор нарсада гумон қилаяптими?
Палмер ванна четига ўтириб, ўзини Бернснинг ўрнига қўйишга уринди. Палмер билан Виржиния унинг уйидан биринчи марта фойдаланган ўша тун ҳақида Бернсда қандай далиллар бўлиши мумкин? Бернс иккови ўша ерда бир муддат бўлишганини билади, албатта. Уйига қайтиб, тувом дориларининг йўқ бўлиб қолганини пайқагандир. Шунингдек, Палмер ҳам, Виржиния ҳам тумов бўлмаганларини эслаган. Шундай экан, нима учун улар шунчалик кўп сочиқ ишлатишганига ҳайрон қолмайдими?
Палмер ўрнидан туриб, кийинди. Шкаф ойнасига қараб бўйинбоғини боғлади. Шумшайган аксини кўриб жилмайишга уринди. Бернс нима деб гумон қилмасин, исботи йўқ.
Палмер буюмларини кичкина жомадонга солиб, хонага бир қур кўз югуртиргач, ташқарига чиқди.




Ўттиз тўққизинчи боб

— Мен тўла аниқлик киритмоқчиман, — деди Палмер. овози зиёфат залига ўрнатилган микрофон туфайли гумбурлаб чиқди. — Жамғарма банклар оила ва жамият ҳаётида ижобий куч ҳисобланади. Уни ҳеч ким шубҳа остида қолдира олмайди. Бироқ... мен бу гапни айтиш учунгина Сиракузадан келганим йўқ. — У йиғилганлар кулармикан деб гапини тўхтатди. Кулги ўрнига бирданига қаҳқаҳа кўтарилди. Мана буниси зўр бўлди! У ғовур тўхтагунча кутиб турди.
— Бироқ, — давом этди у, — Масъулиятли фуқаролар, миллат тижоратчилари сифатида сизлар, шу ерга йиғилганлар, АҚШ иқтисодига бир мақсад билан қарайсизлар. Ҳаммамиз ҳам иқтисодиётни узоқ вақт сустлаштирувчи ҳар қандай ҳаракат миллатимизнинг равнақи учун хавф солади деб ҳисоблаймиз.
Мен шуни ишонч билан таъкидлайманки, жамғарма банклар мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодиётига ана шундай хавф солиб келган ва шундайлигича қолади. Фикримни аниқроқ ифодалашга рухсат беринг. Америкаликлар учун ўз жамғармаларини асрайдиган жуда кўп воситалар мавжуд. Жамғарма банклари ана шундай воситалардан бири. Мен жамғарма банкларга эмас, бу банкларнинг ҳамма пулларини ўз омборларига йиғишга уринаётганларга қарши гапираяпман.
— Жамғарма банкига қўйилган долларлар нима бўлишини ўйлаб кўринглар. Қонун бу банкларга давлат облигациялари, чекланган миқдорда қимматбаҳо қоғозлар ва гаровдан бошқа нарсага рухсат этмайди. Ўз навбатида бундай ҳолат омонат банклари ўз заҳираларининг маълум бир қисмини нақд пул ҳисобида ушлаб туришга мажбур қилади. Яна таъкидлайман: бундай омонат турида ҳеч қандай қонунбузарлик йўқ. Агар озгина миқдордаги пулларни сақлаб турган бундай банклар сони чекланган бўлса, уларнинг иқтисодиётига таъсири унча сезилмасди. Аммо...
Палмер нутқ бошлаганидан бир неча дақиқа ўтгач, атрофга қараб, зиёфат зали одамлар билан тўлганини кўрди. Яхши белги.
Қувноқ шароитда ўтган тушликдан кейин тингловчилар хайрихоҳлик кайфиятида эдилар. Палмер бу одамлар бутунлай ўзи томонига ўтганини сезгунга қадар жамғармалар ҳақидаги гапни тўхтатмади. Энди алоҳида жамғарма банклардаги билл1га қарши чиқиш орқали ЮБТК ҳам, тижорат банклари ҳам шахсиятпарастларча йўл тутмаётганига ишонтиришгина қолди, холос.
— Мен кўча карнавалидаги сотувчилардан бири бўлганимда, — давом этди Палмер, — бу минбардан қўлимда илон заҳари солинган шиша идиш ушлаб, у ҳатто биллиард соққасида ҳам соч ўстира олишини кафолатлайман деб гап сотган бўлардим.
Номига бўлса ҳам бир-икки жойда кулги эшитилди:
— Афсуски, жаноблар, мени сотадиган нарсам йўқ. Сиракузада менинг банкларим, сизларнинг маҳаллий банкларингиз билан билвосита операциялар ўтказишини ҳисобга олмаганда, тижорат ишлари билан шуғулланмайди. Биз ҳатто йигитларингиздан бирортасини алдаб, Нью-Йоркка чақириб олишни орзу ҳам қилмаймиз. — Кулги сал кўпайди.
— Сизларнинг маҳаллий тижорат банкларингиз номидан гапиролмайман, — давом этди у. — Лекин ишонаманки, улар шуғулланишлари зарур бўлган ҳамма ишни қўлларига олганлар. — Сиракуза — бу гуллаб-ўсаётган жамоа. Бу ерда кўпгина банклар фаолияти учун майдон кенг. Сизлар ўз хусусий заёмларингизни кўрсатасизлар, кредит маълумотларини йиғасизлар, жамғармаларни бошқариб, машина, уйлар сотиб олиш, муҳим ишларни бажариш учун қарз оласизлар. Бунинг учун сизларга фақат тижорат банклари ёрдам беради.
Бироқ мен сизларни фақат Сиракузанинг иқтисодига қарашдан ташқари бошқа нарсаларга ҳам...
Палмер минбардан тушиб, қарсакларга қулоқ солди. У ҳали гулдурос қарсакларнинг фарқига борадиган даражада кўп нутқ сўзлагани йўқ. Бироқ қарсаклар қаттиқ янграб, бир неча дақиқа давом этди. У расмий қўл олишиш учун раисга ўгирилди.
Палмер ёнбошдаги эшикдан чиқиб кетаётиб, соатига қаради. Охирги ўн беш дақиқа ичида соатга бир лаҳза кўз ташлаб олишни кўп мўлжаллади, лекин бу аудиторияда ёмон таассурот қолдириши мумкин эди. Соат ўн бир бўлганини энди билди. Самолёт учишига бир соат вақт қолибди. У йўлакда комитетнинг бир неча аъзоси, иккита маҳаллий тижорат банкирлари ва отасини танийдиган ўрта ёшлардаги кишининг табригини қабул қилди. Кейин ижарага олган хонасига кирди. Телефон гўшагини кўтариб, сўради:
— Аэропортга қачон машина кетишини айтолмайсизми?
— Соат ўн биру ўн бешда. Илтимос, бир дақиқа тўхтанг. — Телефон жим бўлиб қолди. Палмер тоқатсизлик билан кутиб турди.
— Жаноб Палмер, — яна гапга тушди телефончи қиз, — зиёфат залида бўлган пайтингизда сизга кимдир қўнғироқ қилди. — У Палмерга маҳаллий телефон рақамини берди. Палмер қўнғироқ қилувчи кимлигини билмас эди. Гўшакни илиб, жомадонини ёпди, пальтосини олиб, хонадан чиқди. Қўнғироқ қилган ким бўлса ҳам Сиракузага янаги гал келишини кутадиган бўлди.
Палмер пастга тушиб, аэрокампания машинаси турадиган жойга йўл олди. Ўзига ўхшаб ҳорғин кўринувчи бир нечта киши эшик олдида турарди. Ёнидан югурдак ғулдираганича ўтиб кетди.
— Жаноб Мармер, жаноб Мармер.
Палмер тўхтади:
— Палмер?
Югурдак секингина бош ирғади:
— Марҳамат қилиб, ҳов анави телефон гўшагини олинг. — У ниманидир кутиб турди, — Раҳмат, жаноб Мармер.
Палмер ҳайрон бўлиб унга қаради, сўнг чўнтагини кавлаб, 25 цент олди ва югурдакка узатди.
— Жаноб Марм... Палмер эшитади.
— Бир дақиқа, илтимос.
Гўшакда нимадир шитирлади.
— Хайрли тун, жаноб Палмер, — Виржиния Клэрининг овози эшитилди. — Нафис тўрлар тўқиш ва йигириш биродарлари тижорат банкининг Сиракуза бўлинмасидан гапиряпмиз.
— Аввал ҳам сен қўнғироқ қилганмидинг?
— Тўғри, мен ўйловдимки, сен...
— Сен нима қилаяпсан ... да?
— Балки, Сиракузадаги биронта мўъжизани кўрмоқчидирсан, рост, сен...
— Жин урсин, — деди у.
— Аэропортда эмаслигингдан хурсандман, — деди аёл. — У ерда радио орқали сени чақиртириш ғирт бемаънилик бўларди.
— Бу гапинг яхши, аммо нотўғри. 
— Авиакомпаниянинг машинасидан кўра такси олганинг маъқул, — Таклиф қилди аёл.
— Қимматроқ бўлгани учунми? Пулни ҳамиша муомалага солиб туриш йўлими бу?
— Сабаби, такси сени Хилл-авенью ва Вестерн- хайвейнинг чорраҳасигача олиб бориши мумкин. Бу ҳам еттинчи рақам.
— Қанақа рақам?
— Кўрасан.
— Назаримда шу туфайли самолётга кеч қоладигандайман.
— Сен бундан бошқа яна кўп ишларни ҳал қила оласан.
— Ҳм-м. Биз — одат қулимиз, режаларимизнинг ўзгаришига тоқатимиз йўқ. — Алоқа узилди. — Алло, алло? — Палмер бирортаси кузатмаётганмикин деган хаёлда атрофга аланглади.  Ҳеч ким қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, гўшакни қўйди, чамадонни кўтариб, фойени кесиб ўтди.
— Илтимос, такси, — деди у эшик оғасига...
— Еттинчи номер, — деди ҳайдовчи манзилга етиб келгач. У Палмер узатган беш долларликни олиб, қайтимини бермоқчи бўлди. Палмер бош ирғаб, қайтимни рад этди.
— Керак эмас. Яхши ўйнаб-кулинг.
Машина шаҳар томон ғизиллаб кетди.
Палмер еттинчи номерли хона эшигига келиб, тақиллатди.
— Очиқ.
Палмер қоронғу хонага кирди.
— Ким бўлсанг ҳам, салом.
— Эшит. — У Виржинияни кўрди. Аёл ташқаридаги чироқ ёруғи хирагина тушаётган хона ўртасида турарди. — Мен, чамаси, аҳдимдан қайтганга ўхшайман.
Палмер у томонга қадам қўйди:
— Айни пайти.
— Аввалига бу менга жуда ёқимли ғоя бўлиб туюлди. У ёқда, Нью-Йоркда. Шунинг учун самолётга югурдим. Бироқ йўлга чиққанимдан кейин ўйлаб қолдим. — Палмер унга қараб яна бир қадам қўйди. — Йўқ. Ўша ерда тур. Биз аэропортдан бор-йўғи бир чақирим наридамиз. Самолётга бемалол улгуришинг мумкин.
— Сени шу ерда қолдириб-а?
— Сен мени чорлаганинг йўқ. Ўзим келдим.
— Буниси тўғри. — У яна бир қадам юрди. Энди аёл ундан атиги ярим қадам нарида турарди. Қоронғиликда унинг кўзлари ҳаддан ташқари йириклашиб кетгандек кўринарди.
— Нима кийиб олдинг?
— Бетайин, тасқара пеньюар. Нью-Йоркка қайтиб кетавер.
— Чамамда, илгари сени бу кийимда кўрмагандим. Пардани ёпиб, тунги чироқни ёқсам бўладими?
— Илтимос, Вуди, ҳақиқатан ҳам бундай қилмаслигим керак эди. Учиб кетсанг ҳам менга барибир. Самолётга улгурасан.
— Беҳуда такрорлаяпсан. — У жомадонни ерга қўйди.
— Керак эмас. Сен ҳақсан, кутилмаганда режаларни бузишдан ёмони йўқ. Бу — хавфли.
— Шу ерда-я? Такси ҳайдовчисидан бошқа ҳеч ким билмайди.
— Агар хоҳласа ҳар қандай одам билиши мумкин.
У аёлнинг қўлларидан ушлади. Унинг бармоқлари муздек эди.
— Эртага пешингача мени Нью-Йоркда ҳеч ким кутмайди. Ўша пайтда Бернс мени ўз машинасида олиб келмоқчи эди.
— У қаерда?
— Бугун кундузи Нью-Йоркка учиб кетган бўлса керак.
— У сенга эртага қўнғироқ қилмайдими?
— Эртага — шанба. У уйимга қўнғироқ қилишига тўғри келади.
— Буниси чатоқ. Аэропортга боравер.
— Бернс уйимга қўнғироқ қилмайди.
— Нима учун?
— Кейин тушунтираман.
Палмер уни ўзига тортди. Аёл қаршилик кўрсатди. Палмер унинг қўлини қўйиб юборди ва белидан оҳиста қучоқлади. Юпқа кийимлари устидан бармоқлари ва кафти мулойим сирғалиб ўтди. У аста юзини кўтарди. Иссиқ сонларини силаб, уни бағрига тортди. Лаблар бир-бирига ёпишди. Аёлнинг қўли уни қучоқлаш ўрнига беихтиёр оралиқда қолиб, пальто тугмаларини еча бошлади.
— Мана шунақа тентакман-да, — деди у гўё ўзига ўзи гапираётгандек. — У пальтони полга ташлади ва пиджак тугмаларини ечишга киришди. — Самолётда бу ёққа учиб келар эканман, бутун баданимни қўрқув босди.
Аёл пиджакни пальто устига ташлаб, галстукка қўл чўзди.
— Бу ерга келганимдан кейин ўзимни қўлга олдим. Меҳмонхонага қўнғироқ қилдим. Жавоб бермаганингдан кейин, сени қўлдан чиқардим, хойнаҳой, йўлда кетаётгандир, деб ўйладим. Ҳатто шуларни ўйлаб, енгиллашгандек бўлдим.
— Мана, — у галстукни узатди. — Бу ер жуда иссиқ, — давом этди у. — Жомадонингда халатга ўхшаган бирон нарсанг борми? — Йигит тасдиқ ишорасини қилгач, у кўйлак тугмаларини ечишга тутинди. — Яна ўзимга-ўзим, майли, тағин бир марта, фақат бир марта қўнғироқ қилиб кўрай дедим. Улар сени топиб беришди. Ҳамма нарса жойига тушди. Дастакни жойига илиб, яна қўрқиб кетдим. Шунақа тентакман-да.
— Мени топиб олганингдан хурсандман.
— Ростданми? Менга шунчаки кўнгил учун гапираётганга ўхшайсан.
— Ҳа, мутлақо тўғри.
— Бундай қилма, тўғрисини айтавер.
— Тўғри йўлни танладим, — деди у. — Бошқаси менга ёқмайди.
— Мен бу ҳақда Нью-Йоркда ўйлагандим. Ла Гардиа аэродромида, шунчаки, ўзим бориб, сенга осиладиган бўлсам, қанақа одам бўлдим, деб ўйладим. Шу тариқа аёл кишининг бемаъни йўлга кириб кетиши ҳам осон-да. Нима бўлганда ҳам. Кейин  бунақа хаёлларнинг мавриди эмас, деб ўйладим. Яримта севги муносабатлари деган гап йўқ. Шундай эмасми? Бу нарса бошланган, у мавжуд, давом этяпти, ким-кимнинг олдига боради, у қаерда бўлади — аҳамияти йўқ деб ўйладим. Ҳатто, ўйлаб туриб, бу менга шунчалик керакми деган хаёлга ҳам бордим.
Самолётга ўтириш олдидан мен ана шундай ҳар хил, қарама-қарши хаёллар  қуршовида эдим. Менга зарурмиди шу нарсалар? Рости билан, нимани хоҳлайман ўзи? Шунга қарамай...
Қисқа жимлик чўкди. Палмер кулимсиради:
— Айт-чи, нима гап ўзи?
— Биласанми, нимага қарор қилдим. Бу менга ҳеч қачон яхшилик олиб келмаслигини биламан. Лекин бу менга керак! Худди шундай! Яхши эмас, аммо керак! Мантиқсизлик-а?
— Ҳеч қандай мантиқнинг кераги йўқ.
— Албатта. Яна бир марта шундай қучоқла, марҳамат.
— Шундайми?
— Ҳа.
— Нега жим бўлиб қолдинг? — орадан бир неча дақиқа ўтгач, Палмер гап қотди.
— Кўлни қара, — аёл унинг қўлидан ушлаб, дераза ёнига олиб келди. Дарахтлардаги байрам чироқлари ўчирилган. Ойнинг ожиз ёруғида дарахтларнинг сувдаги акси афсонавий бир кўриниш зоҳир этганди.
Палмер унинг халати боғичини ечиб, силлиқ, юмшоқ қорнини силашга тушди. Ташқарида иссиқ шамол турди, аммо дераза ойналари совуқ эди... Палмер Виржинияни дераза тагидан бир неча қадам берига олиб келди. Кафтлари билан яланғоч кўкрагини ушлади ва унинг сийнаси учлари бўртиб, қаттиқлашиб бораётганини ҳис қилди. Аёл нималардир деб пичирлади ва уни хонада осилган парда тарафга қараб тортди. Нур ўтказмайдиган парда сурилди ва кўлни, дарахтларни, тирқишлардан кираётган кучсиз шамол йўлини тўсиб қўйди. Ёқимли ҳарорат баданини чулғаб олди. Палмер бир қўли билан Виржиниянинг қўлтиғидан, иккинчи қўли билан тиззаси остидан ушлаб, ердан кўтарди ва унинг кўкраклари ўртасидаги чуқур жойга юзини қўйди. Виржиния енгиллашиб  қолгандек туюлди.
— Умримда мен кўрган тўшакларнинг энг каттаси шундоқ тўғримизда, очиқ дераза орқасида, — деб қулоғига шивирлади Виржиния.
Палмер уни ўша хонага олиб чиқди...



Қирқинчи боб

Аввалига Палмерга номаълум сабабларга кўра Вик Калхэйннинг идораси шаҳар марказидаги кичкина меҳмонхонадаги кўримсиз бир хонага жойлашганди. Унинг ҳуқуқий идоралари Нью-Йоркдаги ишбилармонлар маҳалласида, Броуд-стритда бўлиб, у ерга ҳафтада бир мартадан ортиқ бормасди. Сиёсий қароргоҳи эса Шарқий бир юз ўн олтинчи кўчада ўзи яшайдиган бинода жойлашган эди. Калхэйнга қарашли бу хонадонни бир вақтлар — аср бошида йирик партия раҳнамоларидан бўлган отаси эгаллаганди. Бироқ Палмернинг билишича, Калхэйнни кўпроқ меҳмонхонадаги манзилидан топиш мумкин эди. У сиёсат билан ҳам, ҳуқуқшунослик амалиёти билан ҳам деярли қизиқмасди.
Бернс бир гал унга вазиятни тушунтиришга уринган, лекин фойдаси бўлмаганди.
— Буларнинг ҳаммаси режалаштирилган ўйин, — деди Бернс. — Ишбилармонлар маҳалласи Калхэйн мижозларига ҳуқуқшунос сифатида, яшайдиган жойида эса сайловчиларига хизмат қилади. У бу икки тоифани аралаштириб юбормайди, тушунасизларми? Шаҳар марказидаги идораси эса ана шу тарзда пухта иш юритишга имкон беради.
Палмер бироз бош қотириб, Бернс нимани назарда тутаётганини англади: Калхэйн, чамаси, бу меҳмонхонада сиёсий тижорат билан шуғулланади...
Байрамдан икки кун ўтгач, Калхэйннинг хонасига зиналардан кўтарилиб бораётганда Палмер шубҳаси ўринли эканлигини англади. Ҳатто унинг хонасига бориладиган йўлак ҳам турли-туман қиёфадаги, сабр-тоқати юзидан сезилиб турган одамларга тўла эди. Палмер уларнинг ёнидан ўтаётганда бу одамлар хавотир билан қарадилар. Пармернинг хаёлида улар “Бу ким бўлди? Сиёсий арбобми? Уни танимаймиз. У кимни танийди? Бу ерда нима қилиб юрибди?” —дейишаётганга ўхшайди. Палмер очиқ турган эшикдан қараб навбат кутиб тик турган ёки ўтирган ўн иккитача одамни илғади. Стол ортида ўткир нигоҳлардан қаерга қочишни билмай ўтирган кўҳликкина қизни кўрди. Палмерга кўзи тушган қиз билинар-билинмас таъзим қилиб:
— Ўнгдан навбатдаги эшик, — деди.
Палмер нари юрди. Орқасидан кимнингдир: — Азизам, у мени қабул қиладими-йўқми? — деган овози эшитилди.
   Палмер кейинги эшикни тақиллатиб, бироз муддат кутиб турди, кейин тутқични буради. Эшик ёпиқ эди. У тутқични қаттиқроқ бураб, эшикни итарган эди, очилиб кетди. Палмер хонанинг остонасида  Калхэйнга рўбарў бўлди.
— Тезроқ кириб, эшикни ёпинг, дўстим, — деди у ўрнидан тураётиб, — Бўлмаса, ҳозир бу ерга меҳмонхонанинг ярми ёпирилиб келади.
Эркаклар қўл сиқиб сўрашишди. Палмер Калхэйннинг олдида ўзини пакана одамдек ҳис қилди. Унинг бўйи бор-йўғи беш сантиметрча баланд бўлса ҳам баҳайбат гавдасида биронта ортиқча мускул йўқ эди. Сиёсий арбоб яна қоғозлар қалашиб ётган стол ортига ўтирди. Оромкурси суянчиғига суяниб, кулимсиради:
— Мак қани?
— Шу ерда бўлиши керак. — Палмер соатига қаради. — Мен ҳозир йиғилишга боришим керак. Ихтиёрингизда нималар борлигини менга айтинг, зарур бўлса мен Макка етказаман.
Калхэйн гўё “ҳамма нарса шу ерда” дегандек, қўлини узатиб, кафтларини очди.
— Яхши хабарлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Менинг Сиракузадаги ходимим жума куни кечқурун қўнғироқ қилиб, ўзингизни яхши кўрсатганингизни айтди. Нутқингиз, мулоҳазаларингиз ёқибди. Демак, кейинги ҳафта Буффалода янада яхши бўлади. Бундай нарсалар занжирли реакцияга ўхшайди. Оғиздан-оғизга ўтиб кетаверади.
— Буниси яхши. Лекин ходимингиз уларнинг жамғарма банклари бўлинмаларидаги билларини аниқлаб олишига ишонмайман.
— Тўппа-тўғри! Лекин улар сиз томонда турса, демак, биллга қарши бўлади-да!
— Ҳамиша шундай бўлавермайди. Менинг нутқимда қўллаб-қувватлаш ҳақида гап йўқ эди. Менимча, биз умуман, бундай йўл тутмаслигимиз керак. Айниқса, бу номаълум шахс томонидан қилинмаслиги керак.
Калхэйн бош ирғади:
— Бир неча кундан кейин менинг ходимим айрим маълумотларни тўплайди. Айтайлик, бир ҳафтадан кейин. Ўшанда Сиракузадаги имкониятларимизни биламиз. Яна занжирли реакция. Сиракузадагилар Бингамжон, Утики ва Рочестернинг фикрини билмагунча, бетараф бўлиб туришади.
Палмер сигарет чекди.
— Чекка ўлкалардаги тижоратчиларда яширин маълумотлар алмашиш тизими борлигига шубҳа қилмасдим.
— Буни тизим деб атаб бўлмайди. Лекин хоҳлаганча кенг маълумот алмашиш мумкин. “Киванис”, “Ротари”, “Лайонз” клублари, турли савдо палаталари, черков гуруҳлари, телеграф агентлиги, ишбилармонлар жамияти тижоратчилар ихтиёрида. Куз ва қишда сиёсий арбобларнинг фаоллиги ошади, Олбанига кетишдан олдин округларда юриб, одамларнинг кайфиятини билишга уринишади. Ёзда бу фаолият тўхтайди. Одамлар таътил ва бошқа нарсалар пайида бўлади. Бироқ қишда, байрам кунларида, мажлислар арафасида ҳамма томондаги симсиз телеграфлар ишга тушади.
— Майли, — деди Палмер. — Энди ўз округимиз ҳақида гапириб беринг.
Калхэйн кафтларига тикилиб, елкасини қисди. У калта кесилган сочларини бармоқлари билан тараб, кинояли илжайди.
— Биласиз-ку, штатнинг чекка ўлкалари ҳақида ҳеч қачон гумон бўлган эмас. Улар у ёқда тижорат банкларини қаттиқ қўллаб-қувватлашади. Марказ — бошқа гап. Бироқ бу ерда ҳам биз ғалаба қозонамиз. Мак икковларинг Олбанида бироз сиёсат билан шуғулланганларингни гапириб берди.
— Тўғри. Биринчи галда штат маркази вакиллари билан.
— Унда мендан кўра сиз кўпроқ гапиришингиз керак.
Палмер жавобга чоғланди-ю, фикридан қайтди. Унга ҳамма нарсани била туриб, ўзини билмасликка соладиган Калхэйнга ўхшаган муғамбирлар ёқмасди.
— Бошқа ишлар билан овора бўлиб, тўғрисини айтсам, бу нарсага унча аҳамият беролмадим, — жавоб берди Палмер.
Калхэйн ўзини ҳайрон бўлган одамга ўхшатди.
— Сизнинг ягона вазифангиз — жамғарма банклари билан ишлаш деб ўйлабман.
— Бизда ҳамма гап банкнинг ичида, — деди Палмер. — Акцияларимизга нимадир бўляпти.
Калхэйн олдинга силжиди.
— Яхши гапми?
— Доимий мижозлар учун — ҳа. Дарвоқе, буни сиз ҳисобга олиб қўйишингиз мумкин. Менимча, тез кунда акцияларимизнинг нархи ошиб кетади.
Калхэйн ёнига ён дафтарчасини тортиб, қўлига қалам олди.
— Қандай қилиб ошади? Тез орадами?
Палмер ҳамсуҳбатининг авзойини билиш учун жавоб беришга ошиқмади. Нима бу —ўйинми?
— Ўн банд мени ҳайрон қолдирмайди, — деди у ниҳоят. — Вақт масаласига келганда эса, уни умуман билмайман. Бирор ой атрофидамикин? Аниқ айтолмайман.
— Қачон биласиз? — сўради Калхэйн ён дафтарчасига белги қўяркан.
— Айтолмайман. Макдан сўраб билишингиз мумкин.
— Макдан? Жин урсин, у сизнинг акцияларингиз ҳақидаги гапни қаердан билиши мумкин?
— У мендан ҳам кўп нарсани билади.
Калхэйн ўйчанлик билан қаламни секингина, қўйди. кейин столга энгашиб бошини чангаллади.
— Тушунмадим.
— Мен ҳам, — тасдиқлади Палмер, — лекин аниқ ишонаманки, у қандайдир ташқи гуруҳлар воситасида бу ишга аралашган.
— Бўлмаган гап. Банк акциялари билан ўйин қилишга кимнинг қурби етаркан? Ичаги ингичкалик қилади.
— Қўшиламан. Бироқ шундай бўлади.
Калхэйн хаёлчан бош чайқади.
— Мен кўпдан бери Макнинг биржа ҳақидаги маслаҳатларига қулоқ солмай қўйганман. У доим хато қилади, демоқчи эмасман. Шунчаки, ўз хулосаларини очиқ айтгунча юзма-юз туриб, диққат-эътибор билан мулоқот қилиш керак. Мен ўзига қарашли бир мижози ҳақида берган маслаҳатини ҳеч қачон унутмайман. Асбоб-ускуна ишлаб чиқарадиган бир корхона ўз маҳсулотини сотиш ўрнига ижарага бермоқчи экан. Бу — уларнинг сиёсатида катта силжиш эди. Ваҳоланки, бошқа ишлаб чиқарувчилар улардан ўтиб кетганди. Мак бу корхонанинг акцияси беш бандга кўпаяди, деб ҳисоблаганди. У ҳақ бўлиб чиқди. Улар беш банд камайди. Жиҳозларни қарзга берилиши ҳақидаги эълон бу корхона қўллаган сиёсат ҳеч нарсага арзимаслигини кўрсатди. Шундай қилиб, бу қадам акцияларни ошириш ўрнига камайишига олиб келди. — Калхэйн бамайлихотир кулди. — Бечора Мак ўз қармоғига ўзи илинди.
— Сизга ЮБТК ҳақида гапирмаганига ҳайронман, — деди Палмер.
— Мен эса ҳайрон бўлмайман. Ўтган йили унга қуруқ сафсаталарингни бошқа жойда сотгин деб маслаҳат берганман. Мен бой эмасман. Бироқ унинг башоратларига қулоқ солаверсам, аллақачон қашшоққа айланиб қолардим. Агар у акцияларингиз ҳақида бирор гап айтса, эътибор бермаган бўлардим.
— Маслаҳат бошқа манбадан келди, — Палмер сигаретини ўчирди. Мак кейинги пайтларда сизга яна бошқа бир биржа ҳақидаги янгиликларни ҳам гапирдими?
— Бу борада ҳам у таҳсинга лойиқ эмас. Биржага қизиқмайман. Аввал қанча ютқазиб, қанча ютганингни ҳисоблашинг керак. Солиқ йиғувчи амалдорлар учун бу жуда қулай. Агар кўрган зарарингизга қараб солиқлар камайишини хоҳласангиз, даромадларингизни ҳисоб-китоб қилишингиз керак. Мен буни ҳам ёмон кўраман. — Калхэйн стул суянчиғига ясланиб, кўзини қисди.
Палмер жилмайди:
— Сиз операцияларни фақат нақди билан амалга оширасизми?
— Доим эмас. Тўғри келиб қолса, акцияларни ҳам олавераман. Бироқ, худо ҳаққи, заҳираларим тилхатлардаги сохта исмларга тўлиб кетди.
Икковлари ҳам кулишди. Палмер бу инсоннинг ўз сотқинлигини тан олаётгани Олбанидаги сиёсатчилар қилмишини эслатганига қарамай, ғазабини қўзғатмаётганига ҳайрон эди. Балки, Вик халқ сайлаган хизматкор бўлмагани учундир? Тўғри, бу одамнинг ҳудудда эгаллаб ўтирган ўрни сайловга боғлиқ. Бироқ овоз бериш натижаси ҳамиша олдиндан маълум бўлган. Ҳатто баъзи радикал гуруҳлар Калхэйнга қарши чиққанда ҳам у кўпчилик овоз билан қайта сайланишга муваффақ бўлган. Ҳар доим ўз ҳудудидаги камбағалларни тўйдиради. Ҳатто озгина ёрдами ҳам каттакон самара беради. Бирорта ишсизни иш билан таъминлаш, ҳар кунги енгил овқатланишлар, байрам кунлари тарқатиладиган совға-саломлар, иқтидорли болалар учун нафақалар — тўлов жуда кам, қайтим эса тўлиқ бўлади.
Умуман олганда, сайловчилар  ўз сиёсий раҳнамоларидан бундан ортиқ яна нимани кутади, хаёлидан ўтказди Палмер. У ўз ҳудудидаги нафақалар ҳамма ердагидан юқори бўлишини доим назорат қилади. Ҳафтада уч оқшом қабул ўтказади. У испанча, итальянча ва гэл тилларида гаплашар ва шу билан тумандаги ирланд аҳолисининг кўнглини олар эди. Палмер у негрлар маҳалласини ҳам маҳорат билан бошқаришини биларди. Кўп йиллардан буён яқин ёрдамчиси негр эди. Калхэйн унга бутун бошқарувни, иш юритиш ва тақсимлашни топшириб қўйганди. Кўпчилик негр ёрдамчи Калхэйннинг ўзидан қимматлироқ деб гапирар эди. Бунга асос бор, албатта. Бернснинг айтишича, бир компания ишга фақат оқтанлиларни қабул қилгани учун, негр харидорларидан ажраб қолган ва банкротга учраган экан. Компания Бернс орқали Калхэйн билан алоқа боғлабди. Орадан уч ҳафта ўтиб, шимолий Бир юз ўнинчи кўча ҳамда оқтанли аҳолини қўшиб ҳисоблаганда, фақат ана шу компаниягина негр сотувчилари билан муомала қиладиган бўлибди. Савдо  яхшиланиб, ҳатто авж олиб кетибди. Бу — ўзига хос санъат деб фикр юритди Палмер, рангли аҳолини ривожланишига таъсир этувчи миллий ассоциация имиллаб юрган бир пайтда фуқаролар коррупцияси нақадар авж олиб кетиши мумкин. Ижтимоий юксалиш йўллари кўп, лекин Калхэйннинг ҳудудида унга айланма йўллар орқали борилади.
Калхэйннинг котибаси думалоқланган қоғоз сумкача кўтариб кирди ва уни столга қўйди.
— Уларнинг аллақачон тоқатлари тоқ бўлган, — деди у. — Энди қоринлари ҳам очибди. Айримлари нонуштадан олдин келишганди.
— Ҳозир тугатамиз, — деди Калхэйн қоғоз сочиқларни очиб, фольгага ўралган сандвичларни оларкан. — Хоҳлайсизми?
— Раҳмат, мен овқатландим, — Палмер соатига қаради. — Икки? Икки-ю ўттизда йиғилишим бор. Максиз амаллашимизга тўғри келади.
Калхэйн астойдил овқат чайнашга тушди.
— Билмайман, анави, йўлакдаги одамлар нега бунча эрта келишаркин? Улар соат тўққизгача уйқудан турмаслигимни, демак, бу ерда соат ўндан олдин бўлмаслигимни билишади. Аллақандай жиннилар.
— Ва очлар. — Котиба уларни қолдириб, чиқиб кетди.
— Макга келганда эса, — деди Келхэйн овқат чайнашдан тўхтамай, — у сизу менга кўп ҳафталардан буён керак бўлгани йўқ. “У вазифасини бажариб бўлди”, тўғрими?
— У иккимизни бирдек тушуриб кетди, шуни назарда тутяпсизми?
Калхэйн сандвичлардан бирини икки тишлашдаёқ еб тугатди ва бошқасини қўлига олди.
— Бу — сиз билан тузилган шартнома эди, — тушунтирди у оғзи бўшагач. — Биз эса ҳозир бошқача шартнома тузамиз. Мен ҳеч қачон сизга натижа кафолатланади деб ҳисоблашга изн бермаганман.
— Шундай.
— Энди, ўша гап айтилди деб ҳисобланг. Айрим нарсаларни кафолатлай оламан. Лекин буни эмас. Бизда, штатнинг марказида бир дунё примадонналар бор. Мен сизни ишбилармонлар билан таъминлай оламан, бироқ биз ислоҳот деб ёниб турган гуруҳлар ва бунга янада муштоқ гуруҳларга эгамиз. Ҳатто миллион йилда ҳам мен бу кимсалар ҳамма нарсани ямлаётган тижорат банклари, уларнинг сайловчилари учун, ўзимиз учун ҳам фойдали иш қилади деб шахсан ишонтира олмайман. Фикримни тушундингизми?
— Унда биронта янгилик йўқ. Бизга ҳамиша сотувчилар, суғурта агентлари, кўчмас мулкларни сотиш бўйича агентларнинг бошлиқлари керак.
— Буларнинг ҳаммаси майда садақалар, — деди Калхэйн овқатини еб бўлиб. — Сиз буни яхши биласиз.
— Албатта, ҳар битта майда агент айтарли катта куч эмас, лекин улар бирлашса, қудратли кучга айланади. Бизнинг ихтиёримизда бундай агентлардан анчагинаси бор. Жамғарма банкларидан каттароғини ҳам таклиф қилиш мумкин.
— Марказдаги сенаторлар мана шундай бўлмағур нарсаларга аралашади деб ўйлайсизми?
— Балки сиз учун бўлмағур нарсадир, — деди Палмер, эски мақолни бироз ўзгартириб, — уларга бу нон билан мойдек ёқади.
Калхэйннинг юзи табассумдан қизариб кетди. Бироқ шу заҳоти яна жиддий тус олди.
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ.
Палмер суҳбатдошига хафа бўлгандек қаради.
— Нима дейишимни ҳам билмайман, — деди у. — Гап шунчаликка борган экан, унда сизни нима қизиқтиради?
— Бу иккимизнинг ўртамиздаги бошқа шартнома, Мак.
— Ҳалиги, очишни хоҳламаётганингизми?
— Билганимда, сизга шу заҳоти айтардим. — Калхэйн сумкага қўл тиқиб, қаҳвали термос ва ширин кулча олди. — Чин сўзим, мен ҳозирча билмайман.
— Шундай бўлиши мумкинми? Мен ўйловдимки...
— Шартноманинг икки томони ҳам аниқ бўлиши керак, — деб унинг гапини якунлади Калхэйн. — Йўқ. Биз Мак билан кўп нарсаларни бошдан кечирганмиз. Агар у арзийдиган иш деса, мен оламан. Бошқа бировга, балки, ишонмасдим. Бироқ Макга мутлақо ишонаман.
— Фақат унинг биржа бўйича маслаҳатларига эмас.
— Биржа бўйича маслаҳатларидан ташқари, — Калхэйн кулчадан тишлаб, қаҳва ҳўплади. — Биз биргаликда катта йўлни босиб ўтдик. Сиёсатда йигит кишининг бошига нималар тушиши мумкин бўлса, барини кўрдик. Кутилмаган нарсалар кам қолган чиқар. Мак сиёсий фаолиятимдаги ягона дўстим. Бу кўп нарсани англатса керак.
Орага узоқ жимлик чўкди. Мак Бернснинг садоқати ҳақида гап кетганда ҳам Калхэйн кўнглини шунчалик очиб қўярмикин, деб ўйлади Палмер. Йўқ, ундай бўлмайди. Лекин бир гапга солиб кўриш керак.
— У сизга ўхшамайди. Сизлар бутунлай бошқа-бошқа одамсизлар.
— Қанақасига бошқа? Ҳар қандай одам ҳам ҳаёт тақозосига кўра бир-биридан фарқланади-да. Иккаламиз бир-биримиздан катта фарқ қилмаймизми?
— Фарқ қилмаймизми? — Калхэйн кулчасини еб тугатди. — Шунақанги фарқ қиламизки...
— Менимча ундай эмас, — гапида туриб олди Палмер.
— Биласизми, — Калхэйн яна сумкага қўл солиб, бу гал музқаймоқ олди. — Ҳаммаси келиб чиқишда. Пулда. Менинг қариям ёмон яшамаган, ҳамма нарсага улгурган. Унинг болалари кўп эди, ҳаммаси коллежларни битирган. Балки шунинг учун сиз иккаламизнинг орамиздаги фарқни билмаётгандирсиз. Макнинг отаси эса, билишимча, Байрутда товуқ сотиш билан шуғулланган. Сиз бу иш нималигини билмайсиз. Бутун умр товуқ тозалаб, ўзингиз каби камбағаллар билан савдолашасиз, ёнингизда ўғлингиз ҳам шу иш билан овора, у ҳам қашшоқликнинг нонини ейди. Ниҳоят, оила жам бўлиб, штатларга кўчиб ўтади. Мак ҳеч қачон коллежни битирмаган. Унинг Гарвард ҳақидаги гапларини эслашингиз мумкин. Бу гапларнинг остида Колифорния университетидаги икки йиллик кечки машғулотлар турибди. У ўқишни ташлашга мажбур бўлган, кундузги ишидан ташқари, кечқурун студиялардан бирига қоровул бўлиб ёлланган. Кейин, сочини бўяб, ўз ишининг устаси бўлиб олганидан кейин Мак шахсий компаниясини ташкил қилиб, Гарварддаги уч кунлик ёзги семинарда қатнашди. Энди эса ҳамма нарса жойига тушди. Мана, шунинг учун ҳам мен Мак билан сиз бошқа-бошқа тоифа одамларсиз, дейман. Мана, нима учун сиз унга ишонмайсиз.
— Мен бундай деганим йўқ.
— Тўғри, сиз эмас, мен шундай дедим. — Калхэйн ёғоч қошиқчада музқаймоқ еб, гапида давом этди. — Балки унга ишонмасдан тўғри қиларсиз ҳам.
— Мени бутунлай довдиратиб қўйдингиз.
— Унга ўхшаб ўсмаган бўлсам ҳам, Макка анча яқинман. Мен шу ерда туғилганман, лекин мен билган кўп болалар эски қитъадан келган. Унинг ички кечинмаларини тасаввур қиламан. Унга ўхшаган одам бошқаларни кўргани кўзи йўқлигини ҳам биламан.
— Мени ёмон кўрадими?
Калхэйн индамай қолди, нимадир демоқчи бўлди-ю, ноилож Палмерга қаради.
— Сиз ақлли одамсиз. Бирор марта сизни нима учун ёллаганларини ўйлаб кўрганмисиз?
Палмер бош ирғади:
— Бир нечта сабаб бўлган. Ростини айтганда, гап Мак ҳақида кетаяптими, асосий сабаб — Бэркхардт уни ёқтирмайди.
— Ақлли гап. Энди ўзингизни Макнинг ўрнига қўйиб кўринг. У, сизнингча, Бэркхардт ёки отаси интилган бу буюк каттакон мамлакатдаги бошқа ҳар қандай Бэркхардтларга қандай муносабатда бўлади?
— Тушунаман.
— Тушунганингизга сабаб, мен манзарани тўғри чизиб бердим, — Калхэйн олдинга интилди. — Лекин сиз ҳис қилолмайсиз. Ҳис қилолмайсиз ҳам, чунки сиз мен ёки Макга нисбатан Бэркхардтлар дунёсига яқинроқсиз.
— Демак, гап бу ёқда экан-да, — ўйчанлик билан деди Палмер.
— Мен унинг энг яхши дўстиман, — жавоб берди Калхэйн, — лекин унинг кўнглидаги ҳар бир қоронғи пучмоқ учун жавоб беролмайман. Менинг бошимни ҳам кўплаб бэрккхардтлар айлантиришди. Биласизми, икки ирқнинг қўшилиши ҳамиша қийин кечади. Бироқ бу икки, яъни ирланд ва италяннинг қони қўшилса борми, эҳтиёт бўлаверинг! Бундай одам деярли битта ливанликка тенг.
— Ҳм, — Палмер соатига қаради. — Гарвардни битирган дўстимиз бизни кўришни хоҳламаяпти, шекилли.
Калхэйн яйраб кулди:
— Бу гапларни унга айтиб ўтирманг, — у ўрнидан турди.
— Ташвишланманг. — Палмер ҳам ўрнидан турди. — ЮБТК акциялари ҳақидаги гапларимни ҳам бировга айтманг. Бироқ бир нечтасини сотиб олинг.
Палмер чиқиб кетиши билан Калхэйн қайтиб ўтириб, сумкасидан конфет олди.


Қирқ биринчи боб

Палмер йиғилиш бошланишига бир дақиқа қолганда банкга етиб келди. Очиқ таклиф қилинмагани учун мажлис бошлангандан кейин киришни мўлжаллади. Шунинг учун залдаги реклама варақаларини кўздан кечириб, мижозларни эринмай кузатиб, то кассирлар пайқаб қолмагунларича ўзини сездирмай айланиб юрди. ЮБТКда хизмат қилувчи ҳар бир ходим маълум ахлоқ-одоб қоидасига амал қилиши зарур. Бироқ банк пештахталари орқасида туриб хизмат қиладиганлар учун махсус талаблар жорий этилган. Биринчи навбатда уларнинг ташқи жозибадорлиги эътиборга олинарди. Иккинчидан, овозлари ёқимли бўлиши, зиёли кўриниши, хуллас, аёллар ҳафтасига оладиган саксон долларларга, эркаклар бир юз ўн долларга муносиб бўлишлари лозим эди. Улар ўз ишхоналари — банкларининг намунасига айланишлари шарт ҳисобланарди.
Соат иккию қирқда Палмер лифтдан кўтарилиб, Гарри Элдернинг хонаси томон йўл олди. У бугунги йиғилишдаги кун тартибига қўшимча банд — Жет Технинг илтимосига нисбатан қўлланиладиган ўзаро суҳбат чоғида “Буюк Коинот қарзи” сифатида эслатиб ўтганди.
Палмер Буфалода нутқ сўзлашга тайёргарлик кўраётгани сабаблими ёки Мак Бернс билан иш ҳақида гаплашиши зарурлиги учунми ёки бошқа бирон иш билан банд бўладими, хуллас, Бэркхардт: “Бу йиғилишга борма, Вуди, вақтингни бекорга ўтказма” деб таклиф қилган эди. Шу сабабли бўлса керак, Палмер хонага кириб, ўтирганларга салом бериб, ўзи ҳам ўтириши биланоқ, Бэркхардтнинг гапи оғзида қолиб, калавасининг учини йўқотиб қўйди. Ниҳоят, у ўзини қўлга олиб, тилга кирганда Палмер Жет-Технинг илтимоси кун тартибига биринчи қўйилганини, бошқа бандлар кўрилмай қолиши ҳам мумкинлигини тушунди.
— Айтиб ўтганимдек, — деди Бэркхардт, — салом Вуди! — Жет-Технинг махсус вазифаларини бажарувчи бўлими эртага шаҳарга зарба беради. Биз уларга катта залда тушлик берамиз. — Ирма, ҳозирча ҳеч нарса ёзиш керак эмас ва бу тушлик шўрвадан тортиб, ширинликкача, чамаси, тошдек ботади.
Котиба қаламни жойига қўйди...
Банкнинг вице-президенти ва котиби бўлган Клифсон Мергендалга биржа анъаналарини сунъий юксалтириш каби қатор мажбуриятлар берилганди. Махсус тадқиқотчилар гуруҳи билан у ЮБТК бошқарувидаги фондлардан бирортаси ҳам хатога йўл қўймаслигини текшириб бориши керак эди. Клифф Мергендал Палмердан бирмунча ёш бўлиб, ЮБТКга ҳам урушдан кейин Уолт-Стритдаги даллоллик идорасидан ишга ўтганди. Бэркхардт, у ва Элдер навбати билан  банкка директорлик қилишган ва Мергендал, Бэркхардтни ҳисобга олмаганда, ЮБТКнинг кўпгина акцияларига эгалик қилишарди. Палмер уларни кузатиб ўтириб, Клиффернинг кучи нимадалигини ва муваффақияти сабабларини англади. Юмшоқ, оч рангли бакенбард билан қопланган кичкина ва узунчоқ юзи унга ишониш мумкинлигини билдирарди. Клиффнинг кўзлари тўқ кулранг бўлиб, киприк қоқмас ва сокин боқарди. Унга сизлар пулингизни ҳам, ҳаётингизни ҳам ишонасизлар деб ўйлади Палмер.
Қисқаси, у жуда яхши одам бўлиб, унга тўла ишониш мумкин эди.
— Уни бундай ёқимсиз бўлишига ҳожат ҳам йўқ эди, — дерди Клифф сокин, юмшоқ овозда. — Ҳаммаси ўзаро ишонч асосида юз беради. Биз илтимосларни ўта синчиклаб кўриб чиқдик, афсуски, иқтисодий вазиятнинг айрим ноаниқликлари туфайли ва ҳаво космик сектордаги ўзига хос хусусиятлар ва бошқалар туфайли...
— Майли, — давом этди Бэркхардт, — энди қай йўсинда ишлашимизни келишиб олайлик. — У Мергендалга ўгирилди: — Клифтон, Арчи Никоснинг бугунги кайфияти қандай?
Мергендал жавоб беришга оғиз жуфтлаётганди, Палмер хўжайиннинг саволини ичида такрорлади. Бу билан Бэркхардт Мергендалга ортиқча ишонмаслигини билдирмоқчими? Балки шу баҳонада Бэркхардт Палмерга раҳбарлик учун бўлажак курашда бирга бўламиз деб ишора қилмоқчими? Бу пати юлинган чумчуқ Палмер билан битимга келишмоқчими? Ундай бўлса, нега у Палмерни йиғилишга таклиф этмади? — ... Менинг билишимча, — гап бошлади Мергендал, — у батамом бетараф қолади, икки томон билан дўстона алоқаларини узмайди, заём масаласи ижобий ҳал бўлишига умид қилади, агар заём берилмайдиган бўлса, уни ҳам тўғри тушунишга тайёр.
— “Агар”га бало борми? — пўнғиллади Бэркхардт. — жавоб салбий бўлишини Арчи яхши биларди-ку. Бу ҳақда унга хабар берилган.
— Барча эшикларни очиб қўймаса, у Арчи Никос бўла олармиди?
Гарри Элдернинг овози ҳамманикидан кучли жаранглади:
— Заём масаласининг ижобий ечими Арчи учун ниҳоятда зарур. У ҳар қандай ишни қилиши мумкин, аммо бетараф туролмайди. У бошқа даромад манбаларини изламайди деб мени ишонтириб ўтирманглар.
— У шунга ўхшаган гапларни валдираган эди, — тасдиқлади Мергендал.
— Қандай даромад манбаларини? — сўради Палмер. — Бунақа пулларни ким беради?
Бэркхардт кулгидан ўзини анча вақт тўхтата олмади.
— Аниқ биламанки, Арчининг Европадаги ҳамкорлари фойдали таклифларга ҳар доим тайёр.
— Европанинг қайси бурчагидан шунчалик бўш маблағни топа оласиз? — қизиқсинди Палмер.
— Топиш мумкин, — уни ишонтиришга уринди Бэркхардт. — Арчи умумий бозорга қўшилган мамлакатлар синдикатини жалб эта олади. Улар бизнинг бизнесимиздан кичик бир луқмани хоҳлаган пайтда узиб олишга қодир. Европа томонидан бошқарилаётган Жет-Техни кўз олдингизга келтиринг. — У яна кулди. Уларни ютиб юборишдан бошқа иложи қолмаган Жо Лумис ва Барни Кинчни тасаввур қилиб кўринг.
— Тўғри, — деди Палмер. — Уларга Қўшма Штатларнинг пуллари керак. Бизнинг пулларимиз.
— Уларга берадиган пулимиз йўқ, — эътироз билдирди Бэркхардт. — Ҳаммаси равшан. Юз минглаб ҳожатмандларга ярим миллиардни қарзга бериб юборсак, қанча даромад кўришимизни ўйлаб кўринглар.
— Ақлга сиғмайдиган ғоя.
— Фақат Кинчга эмас, — деди Мергендал. — Унга бу пуллар зарур. Жуда зарур.
—  Ёниб кетаяптими? — сўради Гарри Элдер. — Қандай фалокат юз берди?
— Мендаги маълумотларга кўра — ҳеч қандай, — тез жавоб берди Мергендал.
— Зарур бўлса, — гап қўшди Палмер, — фоиз ставкаси юқори бўлишига кўнадими?
— Қанча миқдорда? — Бақирди Бэркхардт. — Олти фоизми? Еттими? Бекорга таваккал қилмаслигимиз учун биз уни ўн икки фоизга кўтаришимиз керак. Лумис ёки Кинч ўн икки фоиз тўлашини тасаввур қила оласизларми? Судхўрлик-ку, бу.
Мергендал қаламни олиб, бошмалдоғи тирноғига ура бошлади.
— Иш услуби сизни қизиқтирадиган бўлса, — деди у, — асосий нарса шуки, Кинчнинг чекиниб, чиқиб кетиши ва борган жойида музокараларни давом эттириши учун бошпана бериш лозим.
— Барни музокара олиб бормайди, сиз... — Бэркхардт котиба олдида сўкиниб юбормаслик учун тўхтаб қолди. — Музокараларни Лумис олиб боради. Барни ўз карталари, чизмалари ва яна алланимабалолари билан хўрак вазифасини бажаради. Нега мен, онасини эмсин, Лумис учун чекинадиган тешик  топай деб қайғуришим керак?
Гарри Элдер гапга қўшилди:
— Чамамда, биз бир жойда депсиниб қолдик. Сизнинг усулингиз — “Йўқ!” деб бақириш ва жўнаб қолиш. Шундайми?..
— Қулоқ солинглар, — илтижо қилди Мергендал, — ҳалол иш олиб бориш учун бунақа гаплар тўғри келмайди. Жет-Технинг ёрдами билан каттагина маблағ олиш имконига эгамиз. Уларнинг тумшуғи тагида эшикни ёпишимизга ҳожат борми?
— Агар шундай қилсам, — деди Бэркхардт ҳам секин ва қатъий, — ишончингиз комил бўлсинки, улар эшик орқасида кутиб туришади. Уларга катта маблағ керак...
Мергендал қаламини олиб, очиқ турган портфелига ташлади. Нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо ўйлаб қолди ва сигарета чиқарди. У чекар экан, Палмер бу киши қандайдир бир қарорга келиш учун иккиланаётганини илғаб олди.
— Қани эшитиб кўринглар-чи, — ниҳоят ўйчанлик билан гапирди Мергендал, — ўзингларни Кинчнинг ўрнига қўйиб кўринглар-чи, ёки Лумиснинг ўрнига. Рад жавобини олсангиз, нима қилган бўлардингиз?
Ноқулай жимлик чўкди. Котиба Ирма ўриндиқдан эгилиб, Мергендалга кулдон узатди. Қайдлар дафтарчасига ҳеч нарса ёзилмаган эди...
— Бир дақиқа, Клифф, — унинг гапини бўлди Палмер. Ҳамма, ҳатто Ирма ҳам ўзига қараганини кўриб турарди. — Фикримни айтиш учун бир сония ижозат беринг.
— Фақат бир минут, — хўмрайиб рухсат берди Бэркхардт.
— Бу ерда шунча билдирилган фикрларга қарамай, мен барибир қарз берилишини ёқлайман. Мен дастлаб, “ҳа” деб рози бўлиб, сўнг мўмай фойда олиш йўлларини ўйлаган бўлардим. Фоиз ставкасини еттигача кўтарар ёки муддатини ўн беш йилга қисқартирар эдим ёки яна бир фойдали йўл излаб топардим. Мен барибир, қарз беришимиз керак, деб ҳисоблайман.
— Бу, таъбир учун мени кечирасизлар, — ҳиқиллади Бэркхардт, — Қўрқоқлар топган энг яхши йўл.
— Масала биз ўйлагандан кўра анча жиддий, — эътибор бермай давом этди Палмер. — Ва... — Яна бир лаҳза тўхтаб, ҳамманинг диққати ўзига қаратилганини ҳис қилди. — Жет-Тех, фабрикалар, ихтирочилар, моддий буюмлар ишлаб чиқарувчиларнинг бизнеси учун қарз ажратиш бутунлай бошқа нарса. Бундай қарз иш ҳақи юқори даражада сақланиб қолишига кўмак беради. Бу ўз навбатида пул айланишига имкон яратади. Бундай усул мамлакатни ривожлантиради, бу...
— Ақли ожизларга сотиш учун кўп миқдорда янгидан-янги ялтироқ буюмлар ишлаб чиқишга имкон беради. — Гапини кесди Бэркхардт.
— Вуди, эзмаликни йиғиштир, онангни эмгур. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
— Агар таклифларимни эшитишни истамасанглар, — деди Палмер, — агар етарли пулимиз бўлса, келинглар, уни арзийдиган ишларга сарфлайлик.
— Биз киммиз ўзи? — дарғазаб бўлди Бэркхардт. — Сен ўзи кимсан? Нега бу ишларга тумшуғингни тиқаяпсан? Ирма, худо ҳаққи, бу бемаъни гапларни ёзиб ўтирманг, миллий иқтисодиётимиз йўлига қарши чиқишга ким ҳуқуқ берди сенга? Ким сенга истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоясини топширди? Агар бу тентаклар борган сари яна қарзга ботишни хоҳлаётган бўлса, уларга ёрдам қўлини чўзиш керак, ўғлим! Уларни мажбур қила олмаймиз. Мутлақо! Биз уларнинг талабини бажариб, пул ишлаймиз. Уларнинг ўзи чекланмаган шахсий қарз олмоқчи бўлса, бунга ёрдам берамиз.
— Айнан сизнинг мана шундай муносабатингиз. — Жавоб берди Палмер, — уларга ўзи учун ҳар куни янада чуқурроқ гўр қазишга ёрдам беради. Бу бахти қаро тентаклар қарзларини тўлаш учун пулни қаердан олади?
— Бемаъни сафсата, — деди Бэркхардт. — Вуди, агар сени билмаганимда, кечирасиз, Ирма, банкка қандай келиб қолганингга ҳайрон бўлардим...
— Банкирлик — шарафли касб, — эътироз билдирди Палмер. — Бунинг устига, жуда қадимий касб.
Гарри Элдер хавотирланиб кулди.
— Регламент. Ўз ишларимизга қайтайлик, жаноблар. Сирасини айтганда, кўп жиҳатдан Вуди ҳақ. Агар қарзга боғлиқ эҳтиёт чораларини ишлаб чиқа олсак, мен уни ёқлаган бўлардим.
— Ҳали шундайми? — Бэркхардт сакраб турди. — Сен ҳам у томондамисан, Гарри? Сиз ҳам йўлини қилиб, курашдан сирғалиб чиқмоқчимисан?
— Тинчланинг, — ғўнғиллади Элдер, — ўтиринг, Лэйн. Бэркхардтнинг юзи қизарди. Оч-кўкиш кўзлари қисилди.


Қирқ иккинчи боб

Тун ярмида Палмер охирги жуфтларни — Жейн, Эдиснинг холаси ва Тима Кэрвини учинчи эри билан эшиккача кузатиб келди. Кейинги аёл Эдисдан сал каттароқ, аммо баланд бўйли эди. Улар Нью-Йоркдан эллик чақирим узоқликда яшар, ярим кечада қийналмаслик учун. “Муқаддас Рейжис” меҳмонхонасидан бир хона олишган экан. Хайрли тун тилаб, хайрлашаётган чоғида Палмернинг эсида қолгани фақат шу эди. У ташқаридан кириб, хонага кираётган совуқ ҳаводан нафас олиб, йўлакда турар экан, фикри тиниқлашиб бораётганини ҳис қилди. Кейин у икки қаватни эгаллаган меҳмонхонага кириб, олов ёниб турган камин олдига ўтирди.
— Натижа равшан эмас, — деди хонанинг нариги бурчагида турган Эдис.
— Нима?
— Бу ўзига хос тажриба бўлди, азизим. Саккиз кишидан иборат гуруҳ бинони тўлдира оладими? Жавоби маълум: йўқ.
— Ачинаман, — ғўнғиллади Палмер.
— Бу сенинг айбинг эмас. — Жавоб берди Эдис кулиб. — Энди билиб олдим. Ҳали ҳам саккизта қувноқ одам буни яхшироқ уддалай оларди деб ўйлайман.
— Уларнинг олтитаси банкир ва иккитаси хотини бўлса, — ўйчанлик билан жавоб берди оловга тикилиб ўтирган Палмер, — роса ўйнаб-кулиш қийин.
— Янаги сафар ўн икки кишини таклиф қиламиз. Шунда ҳаммаси ажойиб ўтади деб ўйлайман.
Палмер бошини кўтариб қаради ва Эдис кичкина шароб стаканини майдаланган муз устига қўяётганини кўрди. Ҳозир у драмбун ёки бенедиктин қуяди-да, совутиб ичади.
— Менга ҳам тайёрлаб бер, — илтимос қилди у.
— Ҳозир.
— Гапларингга қараганда, — давом этди у, — бугун зерикарли бўлдими?
— Зерикарлими? Билмадим. Балки бунга хонамиз сабабчидир?
Палмер бош чайқади.
— Ўзлари айбдор. Ҳаммасидан олдин мен. Сен Жейн билан эридан бошқа ҳеч кимни танимас эдинг. Мен эса билардим. Тушлик кўнгилдагидек ўтди. Бэркхардт иш юзасидан гаплашиб олайлик деб мени дераза ёнига чорлагандан кейин совуқчилик бошланди.
— Нимани муҳокама қилдинглар ўзи? — сўради у муз устига яна битта стакан қўятуриб. — Иш юзасидан суҳбатдан кўра фалсафий баҳсга ўхшаб туюлди.
— Менимча, — деди Палмер стаканлар қандай тўлдирилаётганини кузатар экан, — айни шу нарса бу қари калхатга ёқмади. Фалсафий баҳсларга унинг тоқати йўқ.
— Чамамда у сени қолоқ одам деб ҳисобласа керак.
— У мени замон билан бирга юролмайсан, деб айблайди.
Бир муддат жим қолишди. Уларнинг уйидан анча узоқликдаги черков қўнғироғи ўн икки марта бонг урди.
— Ҳалиям совумадими? — сўради Палмер.
Эдис бош чайқади.
— Мен биладиган банкирлар ичида, — деди у, — фақат сени қолоқликда айблаб бўлмайди. Қачондан бери замондан орқада қолиб кетдинг?
— О, бу жуда мураккаб, чалкаш масала, чамаси, бунинг жавоби, менинг тахминимча, эллик йиллардан кейин аниқланса керак. Бундан ташқари, бу муаммо батамом академик тадқиқотлар доирасида қолади, чунки эътирозларимга мутлақо эътибор беришмаяпти.
— Шамол тегирмони билан жанг қилишяптими?
У бар олдидаги баланд ўриндиққа ўтирди.
— Бу борада ким билан гаплашган бўлсам, ҳаммаси сен ноҳақсан дейишмоқда. — У муз солинган идишга кўз ташлади. Қиров босган стаканчалар ҳам унга қараб туришгандек туюлар эди.
— Ўзинг ҳам ишонмайсан-ку.
— Ҳақлигимга тўла ишонаман. — У истеҳзо билан жилмайди. — Балки амалий жиҳатдан ноҳақ бўлишим мумкин. Нари борганда, мен бу йил ёки кейинги йил ҳисобига адашаётгандирман.
— Бемалол гаплашиб олишни хоҳлайсанми? Ёки ҳаммаси тугагандан кейин нима гап бўлганини айтиб берасанми?
— Қари Бэркхардтдан эшитгансан деб ўйлагандим?
Унинг овози хонанинг барча бурчакларига тарқалиб кетгандек туюлди.
— Мен бошқалар билан ҳалол гаплашганман.
— Майли. Гап чекланмаган истеъмол қарзлари устида кетмоқда. — У хўрсинди. — Совиб бўлдимикин?
Эдис бир стаканни олиб, Палмерга узатди:
— Илиқ драмбун ичишни хоҳласанг...
Палмер озгина ичиб, ликер совиб бўлган деб ҳисоблади.
— Кўряпсанми? — деб гап бошлади у, — вақти келиб, ҳамма қарздорлар қарзини тўлаб битиради — бу амалга ошмайдиган нарса; ёки иқтисод шиширилган шардек ёрилиб кетади. Қарз тўлаш муддатлари қаттиқ сиқиб қўйилган, берилган қарзлар нақд пул билан қопланмаган, вақти келиб фабрикачилар кўтара савдо фирмаларидан ҳақ талаб қилишга мажбур бўлади, улар эса майда савдогарлардан талаб қилади, буниси ичтеъмолчиларни қисади.
— Наҳотки истеъмолчилар тўлашга қодир бўлмаса?
— Улар қарз муддати узайтирилган фабрикачиларга қарашли корхоналарда хизмат қиладилар, соғлом ақл эгаси бундай шароитда зарур молларни ишлаб чиқаришга қодир эмас. Улар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ишчиларни қисқартиришга мажбур. Ишсиз қолган одам қарзларини тўлай олмайди. Тушунасанми?
Эдис бошини лиқиллатди ва ўз стаканчасини муз орасидан оҳиста олди.
— Мен ҳаммаси автоматлаштиришга боғлиқ деб ўйлар эканман.
Палмер Бэркхардтга ўхшаб аччиқ истеҳзо билан кулиб қўйди, сўнг бу қилиқни қачон ўзлаштириб олдим деган хаёлга бориб, бир лаҳза тўхтаб қолди.
— Маҳсулот ишлаб чиқариш усули қарз силсиласини ўзгартира олмайди. — тушунтирди у ниҳоят.
— Унда тамом бўламиз.
— Мен бу бемаъни муаммога шунчалик ўралашиб қолганимдан қолоқ одам деган ном орттирдим, — Палмер хўрсиниб, ликёр ҳўплади. — Икки нарсагина вазиятни қутқара олади. Федерал заҳира тизими банкирларга тазйиқ ўтказади. Оқибатда банклар савдогарларга қарз беришни камайтиради, улар ҳам ўз навбатида истеъмолчиларга насия мол бермай қўяди ёки истеъмолчилар, очкўз болаларга ўхшамасдан, ўзларини катта одамдай тутиб, атрофга жиддий қарайдиган бўладилар.
 Эдис ўз стаканини чироқ нурига солиб синчиклаб кўздан кечирар экан:
— Демак, — деб хитоб қилди. — Ҳаммаси истеъмолчиларга боғлиқ экан-да?
— Шубҳасиз.
— Уларга бугун бўлмаса эртага кечқурун ёки бошқа ажойиб кунлардан бирида, — давом этди Эдис, — парча-парча бўлиб кетиш хавфидан қутулмасдан туриб, ўзларини катта одамлардек тута олмайдилар.
Улар ликёрни жимгина ичишга тутиндилар. Катта бир палён камин ичида чирсиллаб ёрилди, мўридан майда учқунлар ёпирилиб чиқди.
— Чамамда, тайёргарлиги йўқ одам учун бу мавзуда баҳс юритиш анча оғир кечади.
— Аммо у банкда бугунги мажлис мавзусига айланди. Энди ҳамкасабаларим мени бу масалалардан яхши хабардор деб ҳисоблайдиган бўлишади.
— Уларнинг фикри қандай?
— Ростини айтсам, бундай масалаларни муҳокама қилмаганмиз.
— Ким билан гаплашгансизлар?
— Ҳай, мен билмайман. Мен реклама ва ахборот бўлимидаги ходимларимиз билан гаплашган эдим.
— Мак Бернс биланми? — сўради у.
— Ҳа, шундайроқ. У ва мисс Клэри банк ишларида ҳеч нарсани тушунмайдилар...
— У реклама ва ахборот билан шуғулланадими?
“Кўраяпсанми, — деди ичида Палмер, — кўраяпсанми?” Аммо овоз чиқариб: — У Бернс билан муносабатларимга воситачилик қилади, — деди ва чуқур нафас олиб, гапни чалғитишга уринди. — Уларнинг бири ҳам банк ишларини тушунмайди...
— Мисс Клэрини ишга ким ёллаган? — сўради Эдис бўлиниб қолган мавзуга қайтиб.
Палмер елкасини сиқди.
— Мен келганимда ишлар эди.
— У чиройлими?
Палмер аста кулиб қўйди...
— Ҳар ким ўз имкониятига қараб ҳаёт кечиради, — деди у. Овози каттакон хонада ғалати акс садо бериб жаранглади. — Яхши таъминланган оиланинг ўғиллари ҳам. Ҳатто, — қўли билан уни кўрсатиб, қўшиб қўйди, — қизлари ҳам. Менинг қўлимда банк хўжалиги бор. Мен у билан шуғулланаман. Очиқчасига айта оламан: бу шарафли касб. Мен ишонаманки, у аёл ҳам керакли ижтимоий вазифасини бажаради. Агар, вазифани бажармай қўйса, у мен учун йўқ нарсага айланади. Нима ҳақида гапираётганимни тушунасанми?
— Тушунаман. Бу жуда қайғули.
— Ҳа, қайғули, — қўшилди у, — чунки банк ишлари баъзи зарур вазифалардан озод қилади, худди илон ҳам ўзини сиқиб турган терисини ташлаганга ўхшаб. Банк куч бағишлаши, қўллаб-қувватлаши, ҳимоя қилиши лозим. Банкнинг асосий вазифаси — жамғариш.
— Шундай эди, — деди Эдис, — энди ўзгариб бормоқда.
— Ўпкаси ишлаяпти. Юраги қонни ҳайдаяпти. Баъзи вазифалар ўзгармайди. Агар ўзгариб кетса, оқибати ўлим.
— Худойим-ей, Вудс, мен ҳатто тасаввур ҳам қилолмаган эдим, сен...
— Мен ҳам тасаввур қилмаганман, — гапини бўлди у. — Фақат муносабатим қандайлигини билардим.
— Бу даражада қаттиқ куюнишимни билмаган эдим. Аммо бугунги мажлис мени бутунлай майдалаб ташлади. Майли, нима бўлаётганини сенга айтиб берақолай.
— Нима бўлаяпти?
— “Жет-Тех интернешнл”. Уларга ниҳоятда паст фоизлар билан кўп миқдорда қарз керак. Биз уларни рад этдик, сабаби, бу пулларни кичик қарздорларга бўлиб берсак, катта даромадга эга бўламиз, улар эса янада қарзга ботиб қолаверади. Агар Жет-Тех биздан қарз ололмаса, банкни бутунлай қўлга киритишга ҳаракат қилади.
— Жиддий гапираяпсанми?
— Уларнинг нияти жиддий. Омонат банклари жанги деймизми? Йўқ. Бу ҳаёт-мамот жанги. Аммо Жет-Тех қасдма-қасдига босимни кучайтириб бормоқда. Бэркхардтни бунга тортиб, мағлубият сари судраб, акциядорлар кўзи ўнгида обрўсини ерга урмоқда. Ўзлари эса қўлга тушган акцияларни мутлақо хотиржам сотиб олишмоқда.
— Ғалати.
Эдис жим бўлди.
— Акция баҳоси кўтариляптими?
— Улар кўтарилиб бормоқда.
— Сира ўйлаб кўрмадингми, — секин ва хаёлчан оҳангда гапирди аёл, — Бэркхардт қимматли қоғозларини пуллаб, яхшигина даромад олиши мумкин-ку.
— Шундай. Мен буни ўйлаб кўрганман. Воз кечишга тўғри келди. Бу ишни бошқа бирон одам қилиши мумкин, аммо Бэркхардт эмас.     
— Сенга ўхшаган биронтасими?..
— Бу кўп нарсаларга боғлиқ, Эдис.
У бошини чайқади:
— Виждон азобими?
— Бу ерда виждон азоби ҳеч нарса эмас...
У хотинига ўгирилиб:
— Мен ноҳақман, — деди.
 — Нима, азизим? — Унинг овози хона ичида жуда заиф эшитилди.
— Мен ноҳақман, — такрорлади у овозини баландлатиб. — Банкни биздан тортиб олишга уларнинг тўла ҳуқуқи бор.
— Шундайми? Унда нима бўлади?
— Уларга халақит бериш учун менинг ҳам тўла ҳуқуқим бор.
— Сен шундай қиласанми?
— Ҳа, — деди Палмер ва яна бир марта қаттиқ овозда қичқирди: — Ҳа!..
Nom: Re: Bankir (roman). Lesli Uoller
Yuborildi: Ansora 10 Mart 2010, 17:06:45
Қирқ учинчи боб

... Ички телефон оҳиста жиринглади.
— Эшитаман, — жавоб берди у.
— Қандайдир мистер Гаусс сизни кўрмоқчи.
— Ким?
— Қандайдир мистер Гейнц Гаусс. У билан учрашув тайинланмаган.
— Худойим-ей, тез ҳузуримга олиб келинг. — Палмер эшикка қараб юрди. — Ким ўйлабди буни!
— Олим Гейнц Гауссми? — сўради Виржиния.
— Худди ўзи, уни Пенемюнда асир туширган эдим.
Палмер эшикни очди, айни замонда Гаусс қабулхонага кириб келди. — Гаусс! — деди у қўлини чўзиб.
Гейнц Гаусс Палмердан бир бош кичкина эди, озғин митти одам, ёши 60 дан сал ошган, қора сочлари тўкила бошлаган, чаккалари оқарган...
— Кўп ҳам ўзгармабсиз, — деди Палмер.
— Э, йўқ, ўзгариб кетганман.
Палмер унинг қўлини бўшатди, Гаусс бир нуқтада туриб қолди. Катта хонани кўздан кечириб чиқди. Назари Виржинияда тўхтади.
— Бу реклама бўлимидаги ходимингиз мисс Клэрими?
Гаусс қаддини тик кўтарди, аммо пошналарини тарақлатмади. У бир оз эгилди.
— Жуда мамнунман, мисс Клэри.
Виржиния эшикка қараб юрди.
— Тўғриланган нусхасини кейин оласиз.
— Ҳозир уйга кетасизми?
— Йўқ, матн устида бироз ишламоқчиман.
— Кейинроқ ҳузурингизга кираман.
— Мамнунман.
Палмер эшикни ёпиб, Гауссни ёзув столи ёнида турган оромкурси олдига олиб борди. Кичкина одам иложи борича кам жой олишга интилгандек, эҳтиёткорлик билан ўриндиққа ўтирди. Палмер ўз жойига ўтди.
— Сигарета чекасизми?
Гаусс чимирилиб сигарета олиб, тутатди.
— Билсангиз керак, — деди у. — Жет-Техга алоқадор тарих. Мен илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қиламан.
Палмернинг юрагига биров совуқ латта билан ургандек бўлди. Ўн беш йил ичида Гауссдан ҳеч қандай дарак йўқ эди. Айни шу кунларда кириб келиши кўп нарсани англатади.
— Шаҳарда Барни Кинч билан бирга бўлсангиз керак?
— Мажлисдан тўғри келяпман. Натижалар, чамаси, сизга маълумдир?
— Ҳа, — Палмер столга яқинроқ сурилди. — Агар сизга фойдаси тегадиган бўлса, қабул қилинган қарорга қарши чиқаман.
Немиснинг кўзлари чарақлади.
— Шундайми? Нима учун?
— Биз қандайдир битимга келишамиз деб ўйлайман. Балки бу сиз хоҳлагандек бўлмаслиги мумкин, аммо сиз озми-кўпми пул орттириб оласиз.
— Пул дейсизми? — Гаусснинг оғиз чеккалари ёзилди.
— Эски дўстлигимиз ҳурмати учун баъзи нарсаларни сизга айтсам майлими?
— Ўзингиз зарур деб ҳисобласангиз. — Келгуси йилдаги тажриба ишларим учун ажратилган бюджет маблағларининг ярмиси лаънати элтувчи ракета “Уотан”га сарфланиб бўлди.
— Ҳалиги портлаб кетаётганми? У сизга қарашлими?
— Менинг айбим. — Кичкина одам гўё муваффақиятсизлик имтиёз берадигандек стулга ўрнашиб ўтирди. — Очиғини айтганда, бу иш аҳмоқона қаллоблик. Суюқ ёқилғили двигателлар чизма тахталардан тушмай туриб эскириб қолади. Бошқа олимлар болалар ўйинчоғига ўхшаган шу ишга қўл уради, деб ўйлайсизми?
Палмер елкасини қисди.
— Мен, тўғрисини айтсам, бу соҳадаги ишларни кузатиб улгуролмаяпман, — тан олди у...
Палмер шундан кейин муқаррар равишда бўладиган илтимосни кутиб, тараддудланди.
— Мен ҳам жуда ачинаман.
Немис тасдиқлади:
— Бошқа сабаблар ҳам бор. Мажлисда бирга бўламиз, деб кутган эдим. Баъзи янги ўйинчоқларимиздан олиб келганман. Беозор нарсалар. Жуда ёқимтой.
— Шундайми?
— У ерда ҳеч ким қадрига етмади. Ўйлайманки, буни сиз тушунасиз. Сиз илмий маълумот олган бўлсангиз керак-а?
— Ибтидоий даражада.
— Жуда соз, — давом этди кичкина одам, — сиз ионли двигател нималигини тушунсангиз керак? У тезликни газ ёқилғисидан эмас, ионларнинг нурланишидан, электр зарядларидан олади. Ҳамма компаниялар шундай двигателларга эга. Аммо менинг мосламамгина зарур бўлган тезлатгични ҳосил қилиб беришга қодир. Ҳаракатчан, ўзгармайдиган, ҳис қилинадиган, фаол тезлатгич. Ерда эмас, ҳавода. Ҳаво жуда зич. Фазода эса ҳаво йўқ. Ниҳоятда ажойиб.
— Сизнинг шахсий ихтироингизми?
Гаусс кўкрагига уриб қўйди.
— Менинг гуруҳимники. Фанда улкан кашфиётлар қилишга кексалик қиламан. Кашфиётларни ўттиз ёшлилар қилади. Аммо мен биринчи понани қаерга қоқишни ҳали ҳам кўрсатиб бера оламан. Улар қулоқ солишади.
— Бу ҳам катта завқ беради.
— Ҳозиргина, — деди немис бу суҳбатга аввалдан пухта тайёрлангандек, — суюқ ёқилғи билан ишлайдиган двигателлар эскирди деб айтдим. Сиз қаттиқ ёқилғи имкониятлари нималигини тушунасизми?
— Снарядлар учун. Унинг воситасида тезроқ отилади.
— Космик ракеталарда ҳам шундай... Қаттиқ ёқилғи воситасида мутлақо узоқ, Марсдан нарига ҳам учиб, қайтиб келиш имконига эга бўламиз.
— Махфий маълумотларми?
— Давлат, албатта, билади. — Кичкина одам қўли билан бошини ушлади. — Улар тушунишга, бу ёқилғи қудратини чинакамига баҳолашга қодир эмас. Улар зичлаштирилган. Шундай атама билан танишмисиз?
— Зичлаштирилган? Уни кичик бўлакчаларга айлантириб тайёрлайсизларми?
— Ҳажми аптека таблеткаларидан катта эмас. Ҳар бир таблетка ўн сония ёнади. Кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас. Устида қаттиқ қопламаси бор, у ёнишни секинлаштириб, таъсир кучини оширади. Бир хил миқдордаги суюқ ва қаттиқ ёқилғи аралашмасидан кучли тебраниш ҳосил бўлади. Бу таблеткалар жуда қулай, уларни сақлаш ҳам осон, худди резинка сақичдай гап. Хоҳишингизга қараб ёниш камерасига секин ё тез тушиши мумкин. Афсонавий мўъжиза!
— Гапингизга қараганда, юлдузларга учиш арафасида турибмизми?
— Фақат юлдузларгагина эмас. Фақат биз худо қарғаган кампаниянинг шохобчаларидан бири ҳисобланамиз, пулларимиз турли корхоналарга тақсимлаб ташланган. — Немис “шохобчаларидан” деган сўзни ижирғангандек талаффуз қилди. — Биз катта имкониятларга эга бўлган электроника соҳасида ҳам кўп ишларни амалга оширдик. Микроминиатюризация борасида ҳам. Бу менинг соҳам эмас, аммо мен уларни ҳам назорат қилиб бораман. Ўн центли тангадек қисқа тўлқинли узатгичларимиз бор. Гугурт қалпоғи катталигида қабул қилувчи мосламаларга эгамиз. Бугун кундузи уларни намойиш қилдим.  Ҳеч ким англамади. Тушунтиришга уруниб кўрдим. Биз шу қадар кучли тезлаткич яратиб берамиз, у митти қуёш батареясида ишлайди, унинг ёрдамида Марсдан ерга жуда кўп йиллар давомида радиосигналлар юбориб туриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси — кучайтиргич, батареялар, узатгич, қабул қилувчи мослама — ҳаммаси ангишвона ичида жойлашиб кетади.
— Бэркхардт бунга нима деди?
— Оғзини ҳам очмади. Кўзлари мени ёлғончига чиқариб турди...
— Ҳа, сизни тушунаман.
— Бу гапларнинг ҳаммаси қаерга тақалаётганини англадингизми? — Сўради Гаусс. — Қаттиқ ёқилғида ишлайдиган элтувчи ракета, ион двигатели, микро  алоқа, ёқилғи элементлари, супермоторлар нимадан дарак беради?.. Айтайлик, Ойга бориш бир неча кунлик  масофага айланиб қолади. Ойнинг тортиш кучи кимлигидан фойдаланиб, бошқа сайёраларга йўл оламиз. — У қўлларини ҳавода силкитди. — Буларнинг ҳаммасини амалга ошириш қўлимизда, ҳаммасини! Сунъий космик қўниш майдони учун беҳуда маблағ сарфлаш кимга керак? Тайёр табиий қўниш майдони — Ой турибди-ку! Жет-Тех ихтиёрида Ойни катта фазо платформасига айлантиришга қаратилган барча маълумотлар мавжуд. Юлдузларга учиш йўлида у дастлабки бир босқич бўлиб қолади.
Иккаласи анча вақт жим қолишди. Палмер кулимсиради:
— Шоирона. Ва жуда таъсирчан.
— Тўғри эмасми? — Немис бошини силкитди, қора кўзлари ялтиради. Сўнг жим бўлиб қолди. Яна бир дақиқадан кейин юз ифодалари сўнди. Хўрсинди. Ҳатто катта босим остида янада кичрайиб қолгандек туюлди. — Буларнинг ҳаммаси, — деди у сўник, умидсиз товуш билан, — пул талаб қилади.
— Сиз, албатта, ҳукумат жамғармаларига умид қиласизми?
— Биз катта пул ирмоқларига қараб жон-жаҳдимиз билан интиламиз, — Гаусснинг жағлари хунук қийшайди. — Ярим миллионни у томондан, ярим миллионни бу томондан оламиз. Қуёш системасига қўлимиз етай деб турибди, шу аҳволда гадога ўхшаб тиланчилик қилишга мажбурмиз...
— Гаусс, — деди ниҳоят Палмер, — иш вақти ҳам тугаб қолди. Шу яқин атрофга бориб, ичиб ўтириб гаплашсак, нима дейсиз?
Палмер саволини тугатмасданоқ немис ўрнидан туриб кетди.
— Ажойиб таклиф, — деди у эшикка юзланиб. Аммо Палмер қўққисдан яна тўхтади.
— Мени лифт олдида кутиб туринг. Баъзи нарсаларни кўриб қўйишим керак.
Палмер Виржиниянинг хонасига кириб борганда у ҳамон машинкасини чиқиллатиб ўтирарди.
— Сен кўчиришинг эмас, таҳлил қилишинг зарур.
— Тузатишлар кўпайиб кетди, тушуниш қийин. — У бошини кўтарди ва кутилмаганда кулиб юборди.
— Сени герр Гаусс кутаяпти.
— Биз у билан оз-моз ичмоқчимиз. Унга ёрдам беришнинг ягона чораси шу. — У бўм-бўш хонага ўғринча кўз югуртирди. — Кечқурунги мўлжалинг қандай?
— Ҳеч қандай режам йўқ, — гапини бўлди аёл. — Ўзинг-чи?
— Телефонинг кечқурун шаҳар билан боғланадими? Гаусс билан хайрлашгач, сенга қўнғироқ қиламан.
— Қайси рақамга улаб қўйишганини билмайман.
— Яхшиси, бирон жойда учрашайлик, майлими?
— Қаерда?
У ўйланиб қолди.
— Сени ҳеч ким танимайдиган жойда. Мени ҳам. Учинчи авенюдаги барда.
Аёл манзилни айтди.         



Қирқ тўртинчи боб

Палмер Виржиния билан учрашиладиган жойга яқин бўлган барни танлади. Ўн беш минут ичида Гаусс биринчи стакан вискини ичиб бўлди ва иккинчисига қўл урди. Ичкилик унинг кайфиятини кўтармаганини Палмер сезиб турарди. У фақат ўзини назорат қилиб турган ички кишанларни узиб ташлади, холос. Столда унга қарама-қарши ўтирган Палмер фахрланса арзийдиган катта ишларни қилиб қўйган бу одам шу қадар бахтсиз кўринишига ҳайрон қолмоқда эди.
— Nа, — дер эди Гаусс, — Nа, nа1!  Ҳамма нарса мени четлаб ўтди, аlter Freund2 . Ҳозир етмиш ёшдаман. Отмишдан ошиб кетдим! Қисматимга ёзилган омад аллақачон мени тарк этган. У, du kennst3 , ausgespielt4 , мен билан бирга тамом бўлди.
— Омад билан фан орасида қандай умумийлик бор?
— Тамом. Одам қиладиган ҳамма ишлар билан омад қай даражада алоқадор деб сўраяпсизми? Сурат чизасизми? Мусиқа тўқийсизми? Ракета қурасизми? Ҳаммаси ўз вақтида қилиниши керак, вақтида қилиш учун эса омад лозим.
— Кўп марта муваффақият қозонгансиз. — Палмер унинг стакани бўшаб қолганини кўриб, официантни имлади.
— Уларни ким билади? — сўради немис. — Баъзи ҳамкасбларим бутун дунёга танилган. Гаусснинг номини дунёда ким билади? Сизга айтишим мумкин. — У жарангдор оҳангда қаттиқ кулди. Бу овоз Палмернинг қулоғини тешиб юбораёзди. — Менинг исмим физикада жуда машҳур. Ҳа-да, менинг исмим. Сиз Карл Фридрих Гауссни эшитганмисиз? Математикани? Магнетизм асосчиси?
— Эшитганман деб айтолмайман. У қариндошингизми?
— Ҳамма шундай деб сўрайди... Қариндошим эмас. Ҳеч кимим эмас. Шундай ном билан яшайдиган физика не чоғлик оғир бўлишини биласизми? Худди Гёте исми билан туғилган шоирдек гап... Нима учун, — хитоб қилди Гаусс — Нима учун фон Браунга ҳар доим пул топилади-ю, нега Гауссга йўқ?
— Ҳукумат билан бевосита алоқада ишласангиз бўлмайдими?..
— Бўлмаган гап. Бу ёққа дастлабки келган пайтимда ҳукумат мени ўз қаноти остига олди, улкан, юмшоқ бу қанот остидан кўплаб аблаҳлар макон топиши мумкин... аммо канализация трубаси ичида яшагандек бўласан. Ҳаво йўқ. Ҳеч қандай ғоя йўқ. Интилиш йўқ. Янги йўналишларни ҳеч ким изламайди. Худойим-ей, мен чалғиб кетдим. Адашган кекса одамман. Ўттиз-ўттиз беш ёшдан кейин сиз янгилик яратолмайсиз. Юксак илҳом дақиқалари сизни безовта қилмай қўяди. Сиз даҳоликни тажриба ва айёрлик билан алмаштирасиз. Фикр бўлакларини йиғасиз, бошқалар амалга оширолмаган ғояларни тўплайсиз, ёшларни бирлаштирасиз ва жуда кичкина бўлса ҳам қандайдир шахсий кашфиётингизни яратасиз. Шунда бошингизни силашади. Ҳукумат буюртмаларидан биринчилар, қаторида воз кечишга уриниб кўрдим. Яна ҳисобда адашибман. Омад қайтиб келмади.
— Мен Жет-Техдаги сизнинг гуруҳингиз бояги янги нарсаларни яратган деб ўйлаган эдим.
— Сизга айтган ўйинчоқларними? — Немис виски хўплади. — Улар ёмон эмас. Аммо бир йил, нари борса икки йилдан кейин “Женерал дайнемикс”, “Бэлл” ва “Женерал электрик”, “Юнион карбайт” ва “Вестингауз” ва бошқалар ҳам уларни ишлаб чиқара бошлайди. Мен бўлсам қуруқ ҳамён билан номаълумлигимча қолиб кетавераман. Мени ёшимда бу камситилиш бўлади. Бу — таназзул демакдир. Мен тиланчи эмас, олимман. Бу Жет-Тех... Бахтсизлик келтирадиган... бу нарса. Иш юришмаслиги. Омадсизлик.
— Сиз шуҳратпараст одамсиз, — оҳиста гапирди Палмер, — ҳозирги ёшингизда бу яхши аломат.
— Касаллик аломати. У мени ичимдан кемиради. Нима учун у? Нима учун бу? Нега Гаусс эмас?
— Балки, — фикрини давом эттирди Палмер, — сиз ҳам, катта пул талаб қилмайдиган нарсалар яратарсиз? Ёки Жет-Техдан бошқа бирон ташкилотга ўтганингиз маъқулмикин?
— Кекса малай бўлиш учунми? Раҳмат, буниси кетмайди. Жет-Техда ҳеч бўлмаганда катта лавозимда ишлайман-ку. Ахлат ташувчи қирол. — У ғалати бир тарзда қаттиқ кулди, столга қараган пайтида қалин қошлар кўзини тўсиб қўйгандек бўлди. Ахлат ташувчи қирол, — ғўнғиллади у. Шу пайтгача истеҳзоли кулиб турган ингичка лабли катта оғзи текис ва ифодасиз бўлиб қолди.
Палмер ҳисоб-китоб қилиш учун официантни имлаб чақирди... Официант ҳисоб қоғозини келтириб Палмернинг олдига қўйганда, Гаусс бошини кескин кўтарди.
— Нима? Сизни ким чақирди?
— Мана бу жаноб, — изоҳ берди официант.
— Мен уйга боришим керак, — деди Палмер. — Ҳатто кечика бошладим.
— Ҳа, — Гаусс қаддини букди. — Ҳа,албатта. Сизни тутиб қолганим учун узр.
— Узрга ҳожат йўқ. Сизни мен таклиф қилдим.
— Пуллар-чи, қарз нима бўлади?
— Гаусс, сиз тушунишингиз керак... — деб гап бошлаган Палмер официант ёнида турганини сезиб, тўхтаб қолди. У ҳамёнини олиб, йигирма долларни букланган қоғоз устига қўйди. У Гаусснинг кўзлари нақадар очкўзлик билан ўзини кузатаётганини ҳис қилиб турарди. Ишонгинг келмайди, ўйлади Палмер. мутлақо тушуниб бўлмайдиган ҳолат. Бу одам ҳар йили кам деганда ўттиз минг доллардан кўп даромад қилган. У ёлғиз яшайди, болалари йўқ, чамаси, орттирган ҳар бир центни банкага қўяди. Шунга қарамай шу даражада аянч аҳволга етганки, Ҳатто ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилолмайдиган бўлиб қолибди.
— Ҳаммага маълумки, — гапини давом эттирди Палмер, — мен қарз масаласига қарши эмасман, аммо сиз сўраётган нарсани ҳал қилиш охирги натижага боғлиқ. Ишонаманки, сиз яхши ишни кўнгилдагидай якунлайсиз. Орадан икки кун ўтганига қарамай, кечаги гап-сўзлар ўтмишга айланиб бўлди; бугун Жет-Техга расмий равишда хабар берилди, ҳозирча шу аҳволда тўхтаб турибмиз. Лумис янги таклифлар билан чиқиши ва музокараларни қайта бошлаши мумкин. Мен шундай бўлишига астойдил ишонаман. Биласизми? Сиз пул олишингизни мен ҳам хоҳлайман. Ихтиёримда бирон-бир имконият пайдо бўлиб қолса, сизга амалий ёрдам бераман. Ҳозирги пайтда эса... бундан бошқа ҳеч нарса қила олмайман.
Гаусс ҳорғин бош чайқаб қўйди.
— Мен биламан. Лумис ҳам айнан шундай деган эди.
Мен кутаман. Вақти келиб пул бўлади.
— У шундай дедими? Қачон?
— Бугун. Аввал ҳам кўп айтган.
— Буни қай даражада аниқ айтди? — сўради Палмер.
— Чексиз аниқлик билан. Бу молиячи ишбилармонлар сизга маълум-ку, — Гаусс кўзларини қисди. — Лумисга ўхшаганлар биласиз-ку. Сиз бутунлай бошқа одамсиз, эски дўстим.
— Лумис охир-оқибатда пул бўлишига ишонадими?
— Ишонади, — аччиқ нарса егандек немиснинг юпқа лаблари қийшайиб кетди.
Палмер қўзғалди.
— Гаусс, ҳозир йўлга чиқмасам бўлмайди. Сизга ёрдам беролмасам ҳам гаплашиб ўтириш менга ёқади. — У қария ўрнидан қўзғалишини кутиб турди...
Гаусс жим ўтирар эди. Палмер йўталиб қўйди. Бироздан кейин бутунлай ўзини эплолмай қолади, деган хаёлга борди. Гауссга уч стакан виски олиб берганига, умуман, ичириб қўйганига пушаймон бўлди.
— Гаусс, — деди у, — тобингиз қочяптими?
Кичкина одам киприк қоқмади. Нигоҳини кўтариб, Палмернинг юзига тикилди.
— Сизга айрим нарсаларни айтиб бераман, — деди у сокин, аммо бўғиқ овозда. — Улар мени бу ёққа юборишгани йўқ. Мен ўзимни вакил бўлиб келгандек кўрсатдим. Буни ҳатто билишмайди. Бизнинг таниш эканлигимиз, уларнинг хаёлига ҳам келмайди.
— Ҳаммаси ўзингиздан чиққан ғоями?
Гаусс бош силкиди.
— Марҳамат, ўтиринг.
Палмер девордаги соатга қаради. Виржиния билан учрашувга ўн дақиқа қолган эди.
— Фақат бир-икки минутга, — деди у Гаусснинг қаршисига ўтирар экан. — Тез етиб бормасам бўлмайди.
— Албатта, — Гаусс Палмерга эмас, стол устидаги суратга қараб кулди. — Бу эркак кишининг сурати, — деди у бармоғи билан нуқиб.
— Бу темир тасвирдек гап. Айни замонда Марс сайёрасига ўхшайди. Ғалати. — У жилмайган ҳолда ҳеч нарса демасдан узоқ ўтирди.
— Гаусс, мен кечикяпман.
— Ҳа, ҳа, ҳа. — Қария ўзини қўлга олгандек бўлди. — Мендаги имкониятлар билан, — деди у овозини анча баландлатиб, — Карл Фридрихга ўхшаб, Гаусснинг номини ҳам дунёга машҳур қилиш мумкин. Шунда уни “бу бошқа Гаусс” деб атай бошлайдилар. Гаусс номи тилга олинганда — у Гейнц Вальтер Гаусс эмас, мен бўламан, билдингми?
— Шундай бўлишига умид қиламан...
Палмер соатга қаради. Ўн дақиқа кечиккан эди. У ўрнидан турди.
— Ишингизни қўшимча маблағларсиз ҳам давом эттира оласизми?
— Бошқа иложим йўқ. — Гаусс пальтога қўл чўзди, аммо кўзлари бошқа тамонда эди. — Мен бу ишни давом эттиришга мажбурман. Хомашёлар ҳақида сохта маълумот тўлдираман, ёлғон гапираман, ускуналарни ўғирлайман.
— Ҳукуматдан шартнома асосида пул олсангиз-чи? Жет-Техдан кетсангиз нима бўлади? Ҳамма ишни ҳукумат назорати остида қилаверасиз-ку!
Гаусс истеҳзо билан кулди.
— Менга, ўша лаънати “Уоатан” ракетаси деб миллионлаб долларларни совурган кишига ҳукумат бошқа миллионларни бермайди. — У шляпасини бошига илди. — Бугун рад этишганини эшитганимдан кейин кўз олдимга сиз келдингиз. Мулоқотимиз қандай бўлишини ўйладим. Мен ақлли эдим. Ўзимга ишонардим. Сизга ҳам ана шу ишончни юқтира олдим. Сиз мени қандай кўрган бўлсангиз, мен ҳам ўзимни шундай кўриб турибман: чўнтагида бир чақаси йўқ, мияси суйилган, тентак қария. Омадсиз чол. Майли, шундай бўлсин. — У кўр-кўрона кўча эшигига қараб кескин бурилди.
— Гаусс, — Палмер пальтосини йўл-йўлакай кийиб, немиснинг орқасидан Учинчи авенюга чиқди. — Гаусс, бир дақиқа тўхтанг.
— Сиз бутунлай кечикиб бўлдингиз, дўстим. Вақт — катта неъмат. Вақтни тўғри ҳисоблай олишда гап кўп. — Кўчада ғириллаб эсаётган совуқ куз шамоли Гаусснинг шляпасини кўтариб юборди. — Сиз кечикиш бўйича мутахассис билан гаплашяпсиз. Эйнштейн яҳудий бўлгани учун мен ўн йилга кечикдим. Майли. Ҳали ўн йил имкониятим бор. — Неон нурлари ёритиб турган қоронғиликда унинг жилмайиши ғайритабиий чиқди. — Шунда омадим келади, — қўшимча қилди у истеҳзоли оҳангда. Сўнг бурилиб, йўл бўйлаб кетди ва бирдан ён кўчада ғойиб бўлди...


Қирқ бешинчи боб

У барнинг этагидаги алоҳида столда ёлғиз ўтирарди. Палмер аланг-жаланг қараб, қидириб топди ва тез олдига келди.
— Мени кечир, — деди у аёлнинг қаршисига ўтирар экан, — аммо Гауссга кўп нарсаларни айтиб беролмай қолдим.
У барга кирганда аёл бошини кўтариб қараган эди. Уни кўргандан кейин икки қўллаб ушлаб турган стаканга тикилганча жим ўтираверди, гўё яна бир қарашга мадори етмаётгандек эди.
— Ҳаммаси жойида, — деди у бўғиқ овозда.
— Хафа бўлганга ўхшайсан.
— Ҳаммаси жойида, — деб таъкидлади у ҳамон унга қарамай.
— Ажабтовур нусха, — деди Палмер. — Зарур ишим бўлмаганда, гапларини эшитиб ўтираверган бўлардим.
Аёл бошини секин кўтарди ва унинг кўзларига тикилди.
— Агар Гаусс шу даражада азиз бўлса, — деди у тиниқ овозда, — бекор ташлаб келибсан.
— Сен ундан азизроқсан...
— Ҳа, — тасдиқлади у. — Ўзимга ўзим ачиниб кетаман.
— Нимани ўйлаётганимни қаердан биласан?
— Бу гапларни қўй, — гапини бўлди аёл. — Шуни унутмагинки, кельтлардан бирон нарсани яшириб бўлмайди... Ўзаро муносабатларимиз ҳақида бир соат ўйлаб ўтирдим. Кечикиб кетганингни кўрганимдан кейин янада ёмон бўлдим. Ниҳоят, — деди у худди хаёл сураётган одамдек, — сени келмайди деб ишонганимдан кейин орамиздаги барча муносабатлар ўлди. Шундай кўз олдимда, стол устида. Мен суякларини йиғиб дафн этаётганимда сен пайдо бўлиб қолдинг.
— Худойим- ей, мен бор-йўғи бир неча дақиқа кечикдим.
— Ўн беш дақиқа.
— Аввал эшитгин...
— Биласанми, — яна гапини кесди у, — бадиий асарларда кўпинча шундай томошалар учраб туради. — Қаҳрамон пайдо бўлади ва барча нохуш хаёллар бемаъни тушдек йўқолиб кетади, атрофдагилар яна шод-хуррам бўлиб қоладилар. Бу ниҳоятда кўнгил яқинлигининг аломати. Оддий далил, у охир-оқибатда пайдо бўлади ва севинчдан ёш тентак қизнинг боши осмонга етади.
— Аммо сен ундай эмассан.
— Майли, — рози бўлди у. — Эски мия қутиси бундай жисмоний машқлар учун торлик қилади. — Нима бўлганда ҳам, — у энгашиб, Палмернинг қўлларини шапатилаб қўйди, — нима бўлганда ҳам келганинг учун хурсандман.
— Мен ҳам хурсандман. — У аёлнинг қўлини ушлади.
— Қуриб кетсин, — давом этди аёл, — бу ўлимтик нацист нимаси билан сени мафтун қилди, қандай қилиб Нью-Йоркдаги энг гўзал аёл билан ишқий учрашувга кечикиб келишга журъат этдинг?
— Айтганим билан ишонмайсан.
— Қани айт-чи?
— Бошқа пайт айтиб бераман, — унинг қўлини қисди.
— Нега уни нацист деяпсан?
— Аслида шундай эмасми? — У бирданига “ачиган карам” деб аталадиган талаффузда гапиришга ўтди.
У ҳеч қачан партия агзаси билан ичкани йоқ? Биснинг арамисда нацис белан ичкан нацис йоқ. Ҳа, бис уларга нема болди, белган йоқ.
У кулиб юборди.
— Сиз ирландлар ҳақиқатан ҳам олий ирқ намояндаларини ёқтирмайсизлар, тўғрими?..
Палмернинг кулгисидан салгина нарида турган официант чўчиб тушди. У бирон нарса буюришади деб ўйлаб, бурилиб қаради. Палмер дабдурустдан буни сезмай қолди.
— Менга ҳам худди шунисидан, — деди у Виржиниянинг бўш стаканини кўрсатиб, — хонимга яна битта.
Сўнг бир муддат бош чайқаб жим туриб қолди, кейин:
— Яқинда мен Виктор Калхэйннинг бир ваъзгўйлигини эшитиб қолдим, — деди.
— Вик, — буюк маккор, — таъкидлади Виржиния ирланд лаҳжасида гапиришда давом этиб. — Ирландлардан кейинги ўринда — итальянлар туради. Викнинг қонига ҳар иккаласи қўшилиб кетган.
— Ҳарқалай, у Мак Бернсдан эҳтиёт бўл, деб огоҳлантирди.
— Уҳ, ҳозирги кунларда ҳаммамизда, жумладан, ирландларда ҳам ливанликлардан бир чимдим бор.
— Мен келгунча қанча ичиб улгурдинг?
— Ғанимлик Департаментида ливанликларга мансуб шахслар, — давом этди у, — ўзларини кельтлар деб ҳисобловчилар сони билан баравар.
— Маст бўлиб қолибсан.
— Ичдим, кайф қилдим, йиғладим, — хўрсинди у. — Умуман, кўп ичмадим. Шунчалик узоқ кутиш давомида биргина стакан билан чекландим. Кўрмаяпсанми? — Бўш стаканни унга томон суриб қўйди — Муз парчалари қанчалик кичик бўлиб қолганини кўряпсанми? Нўхатнинг ўзи дейсан.
— Бугун сенга нимадир бўлганга ўхшайди.
— Бир чеккада туриб, сени шафқатсизларча ўрганиш натижаси, холос.
— Э, худо, — деди Палмер маъюсланиб. — Энди ҳеч қачон учрашувга кечикиб келмайман...
— Бунинг учун қандайдир даражада яхшигина жазо олдинг. Мен талабни юқори қўяман, сен ҳаммасига мос келасан. Ҳатто бошқалардан баланд турасан. Сен жуда даҳшатлисан, қаранг-а, қизариб кетяпганини! — Бунақаси хотинларда бўлади. Эҳ, фақат кичкина бир тугун бор-да. Сен бевақт уйланиб қўйгансан-да.
— Мен қизарибманми? — Ўжарлик қилди Палмер. — Аёллар менга доим шундай дейишади.
— Шундай бўлаяпти-да. — У майингина кулди. — Аммо сен, менинг аёлманд дўстим, мен учун даҳшатли муаммоларни туғдирасан. Агар мен муносиб эркакни топишни хоҳлаб қолсам, орқада қолишингга тўғри келади.
Палмер ҳазил билан жавоб берди:
— Орқангда бўлиш — мен учун ниҳоятда ёқимли ҳодиса.
— Сен мени ниҳоятда жиддий деб ўйлайсан, шекилли. Шунинг учун тегажоқлик қилаяпсанми?
— Шунинг учун.
— Кераги йўқ. Лоақал бир дақиқа жиддий ўтиргин.
— Ҳаракат қиламан, — ваъда берди у, — аммо бундай тақдирда  бу хонадан чиқиб кетиш ва сендан воз кечишимга тўғри келади, чунки ҳар бир аёл эрга тегиши шарт.
Бир муддат иккаласи ҳам жим қолишди.
— Менга бундай қарама, — илтимос қилди у.
— Қандай?
— Ўзинг биласан-ку, Вудс, марҳамат қилиб, менга ростини айт. Мени нимамни ёқтирасан?
Жиддий жавоб зарурлигини ҳис қилган Палмер анча ўйланиб қолди.
— Сени чиройли қиз... аёл, деб биламан, — бошлади у.
— Марҳамат!
— Шундан бошлашим керак. Сен фақат яхшигина эмас, чиройлисан, бу мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари сен жуда ақлли аёлсан, ҳатто эркаклар билан бемалол вақт ўтказа оладиган даражада ақлли аёлсан... Яна ёқадиганлари... нима дейишим мумкин? Обрўли, истеъдодли аёлсан, ишда эътибор қозонгансан, юқори даражада маош олиб ишлашга муносибсан, шунга қарамай, модомики юракдан гаплашаётган эканмиз, ЮБТКда сенга кам тўлашади. Хўп, майли. Сенда кўп фазилатларни кўраман. Ҳиссиёт борасида ҳакамлик қилолмайман. Бошқаларни тўғри тушуниш учун аввал ўзингни яхши билишинг зарур. Ўзингда борини бошқаларга бахшида эта оладиган, ёқимтой хилқатсан. Қалқон тутиб, ўзингни ҳимоя қилишга қодир эмассан, сени ҳимоя қилишидан олдин уни улоқтириб юборасан. Бу сен учун ёмон, аммо бутун ҳароратингни бағишлайдиган эркак учун бу нарса жуда ёқимли. Сен... мен ўйлайманки... мен нимани... — У гапдан тўхтади.
Аёл унинг қўлини ушлади.
— Агар шу нарсаларни ёқтирган бўлсанг, уларни мен ҳам ёмон деёлмайман. — Иссиқ бармоқлар йигитнинг қўли узра юқорига силжиди, Палмер аёлнинг кафтини сиқди.
— Сен тушунмайсан. Ўзим ҳам зўрға англайман. Менинг бошим ва юрагим балиқникидек жуда совуқ. Ҳақиқий банкирнинг юраги. Сен уни иситасан ёки топтаб ташлай оласан. Шундай бўлса, азобда қоламан. Мен буни хоҳламайман. Алоқаларимиз мутлақо жисмоний ҳолатда қолишини истайман. Шундай давом эттирсак, ўзинг топиб айтганингдек, энг оғир нарса мени ташлаб кетишингдир. Сен дастлаб мен ишонган ягона одам эдинг. Ҳозир ҳам шундай. Аммо ҳаммаси жиддийлашиб кетяпти. Менга ўхшаган тажрибасиз одам учун бу жуда хавфли. Бугунги дилдан қилинган суҳбатимизни ҳисобга олсак, муносабатларимиз ҳар қандай мажбурият доирасидан чиқиб кетаётганини кўриш қийин эмас.
У аёлнинг бармоқлари қўлларини мулойим силаётганини сезди. Бир қошини чимириб, у айтаётган гапларга ишонгиси келмагандай ёки умуман ишонишни хоҳламагандай бефарқ қараб ўтирарди.
— Ўзинг ҳақингда шунчалик аянчли фикрдамисан-а? — сўради у.
— Й-йўқ. Наҳотки.
— Ҳиссиётларимиз ҳақида. Ўзингни камида ўғри деб ҳисоблайсанми?
— Ҳа. Ҳамма нарсамни сенга бағишлаб, эвазига ҳеч нарса талаб қилмаётганимни айтиб ўтдинг. Бу таловчиликка ўхшаб кетади. Аммо ундай эмас.
— Менми? — сўради Палмер. — Сенга ниманиям берардим.
— Мендан олган ҳароратни яна қайтариб берасан. — Унинг қўллари сиқилиб, кафтларини оҳиста, аммо қатъият билан силай бошлади. У кафтлари қизиб кетганини ҳис қилди.
— Ажойиб кўргазма, — деди у. — Одамлар шундай қилиб олов ёқишади.
— Бир харидорим қачонлардир бармоқларимдан олов чиқарган эди.
— Виржиния, — хитоб қилди Палмер унинг қўлини сиқиб. —  Эшит. Ҳозиргина мен учун даҳшатли муаммолар туғдирасан деб айтдинг. Эрга тегиш ҳақидаги режаларингни ҳисобга олмаганда ҳам ҳаётингни мураккаблаш¬тираётганимни билиб турибман. Сеникини ҳам, ўзимникини ҳам.
Аёл дангалига кўчиб қўя қолди.
— Мен беҳуда гап бошладим. Ўзингга ачинишдан кучли туйғу йўқ. Унга бўйсунганим учун ўзим айбдорман. Энди бўлса, — у Палмернинг қўлига бир урди, — кел, жисмоний муносабатлар даражасига тушамиз. Майлими?
— Бошқа ҳамма нарсалар ҳавода муаллақ қолаверадими?
— Худди шундай. Нега биз дунёда ягона пайсалга солувчилардан бўлишимиз керак? Бу бахтсиз буюм у ёқда осилиб ётаверсин.
— Навбатдаги хуружинг бошлангунчами?
— Тўғри айтасан. — У вискини симирди. — Машинанг борми?
— Шахсийми? Йўқ.
— Меники ҳам. Ҳозир қиладиган асосий ишимиз — машинага ўтириб, узоқ-узоқларга кетиш.
— “Қайғуларингни унут, бахтли бўласан”.
— Қўшиқ учун ажойиб шеър.
— “Кайфиятинг ёмон бўлса, бошингни кўтариб қичқир: “Келади ажойиб бир кун!” — тамомлади Палмер.
— Истеъдодинг борлигига шубҳа қилмаган эдим.
— Буниси ҳали нима бўпти? — деди Палмер ўрнидан туриб. — Мана ҳозир сенга истеъдодимни кўрсатаман. — Қора пальтосини илмоқдан олиб, унга узатди. — Герцнинг карточкасидан бошқа нарсам бўлмагани ҳолда машина ёллайман.


Қирқ олтинчи боб

Нью-Ингленднинг кенг автомобил йўлида тўқ қизил “корвет” ҳеч қандай қоидани писанд қилмай, соатига 90 мил тезликда учиб борарди. Кўз очиб-юмгунча улар Стамфордга етиб бордилар ва ўзлари ҳам сезмаган ҳолда йўлдан бурилиб, бир неча дақиқадан кейин меҳмонхона мотелга ўхшаган жойга келиб тўхтадилар. Бир-бирига жипслаштириб қўйилган улкан икки каравот устида тун ярмигача қолиб кетишди. Виржиния Нью-Йоркка Меррит Паркуэй орқали қайтамиз, деб туриб олгани учун ҳозир анча эски йўлдан келмоқда эдилар. Светафорлар, тор ва тезликни чекловчи бошқа белгилар кўплиги учун қайтиш вақти  чўзилиб кетди.
— Сенга спорт машиналарини ёқтирмайман, деганим йўқ эди-ку, — луқма ташлади Виржиния.
Палмер спидометр найзасига қаради ва у 70 атрофида тебраниб турганини кўрди1 . У акселераторни туширди.
— Нима учун?
— Спорт машинасини ҳайдовчи эркаклар аёллар билан мутлақо қизиқмайдилар.
— Далиллар борми?
— У ёнида ўтирган қиздан кўра машинани кўпроқ яхши кўриб қолади...
— Жим бўл, спидометрга қара, яна 70 ни кўрсатяпти. Жиддий гапиряпман. Тинч ўтир...
Палмер кўприкдан ўтиш учун яна пул тўлади ва Ист Ривер йўли бўйлаб кетди.
— Сени уйингга элтиб қўйиб, кейин машинани топширсам бўладими ёки аксинчами?
— Аксинча. Мен яна бир неча дақиқа айланмоқчиман. — У сигарета тутатди. — Кўряпсанми, севги одамни не кўйларга солади? Сен афтингни буриштираяпсан. Бу сўздан афтинг буришиб кетди. Севги. Худойим-ей. Бирон фалокатга учрайман, шекилли, — У сигаретни ўчириб. — Мен дарғазабман, паришонман ва бутунлай мажақлаб ташланганман. “Севги” сўзини эшитиб, нега бужмайиб кетдинг? Нега сенга ёпишиб олдим? Сен ҳам, ҳеч шубҳасиз, менга ўхшаб қаттиқ дарғазабсан. Мен ишонаман, мен... ақлдан озиб бораяпман... Балки маст бўлиб қолгандирман? Таъна қилаяпман. Энди гапирмайман. — У қўлларини қовуштириб, ёнбошдаги ойнага суянди.
Мувозанатдан чиқиб кетган Палмер бошқа йўлга тушиб қолди ва кўп ўтмай Олтмишинчи кўчада, машинани ижарага олган бекат томонда юрганини англади. У Лексингтон-авенюда чапга бурилди, яна чапга бурилиб, жигарранг тошлардан қурилган ва ҳувиллаб ётган эски уйлар оралаб кета бошлади; гоҳ у, гоҳ бу ерда анча баланд ҳашаматли янги бинолар ҳам кўриниб қоларди. Иккинчи авенюдаги светофор чироғида тўхтаган пайтида машина орқасида тез юриб келаётган қадам товушларини эшитди. Ёнбошдаги ойнага қараб, узун оқиш пальто кийган ёшгина аёлнинг кўча бўйлаб чопиб келаётганини кўрди, орқасидан кучук етаклаган кичкина бола харсиллаб югурар эди.
— Нима бўлди экан, жин урсин? — уларни дурустроқ кўриш учун машинани бурди. Виржиния ҳам нима гаплигини билай, деб ўгирилиб қаради.
Совуқ шамолда пальтосининг олди очилиб кетган аёл машина олдигача чопиб келди ва ойнани тақиллатди. Кучукча шодон вовуллади, уни тутиб турган бола харсиллаб нафас оларди. Палмер ойнани туширди.
— Менга қарашиб юборолмайсизми? — Оғир нафас олиб сўради аёл.
— Менми? Ҳм, бу енгил машина-ку.
— Меники “фольксваген”. Шафқат қилинг. Ўйлайманки, сиз ёрдам бероласиз... — Овози секинлашди ва оғир нафас олиб жим бўлди. Ит орқа оёқларида туриб, олдингисини пальто этагига қўйди.
— Ярим кварталгина нарида. Ана, кўряпсизми?
Палмер бурилиб қаради ва йўлка орқасидаги иккинчи қаторда турган кичкина машинани кўрди.
— Майли, — рози бўлди у ва тезликни пасайтириб, машинани орқаси билан ҳайдади. Ёш аёл, кучук ва бола, чамаси етти ёшлардаги қизалоқ, “корвет” орқасидан эргашдилар. Аёл худди машинани етаклаб кетаётгандек, қанот томонини ушлаб олган эди.
— Ҳеч ким тўхташни хоҳламади, — гапирди у. — Сиз катта илтифот кўрсатдингиз.
— Машинангизга нима бўлди? — сўради Палмер ўзини эшитмаганга солиб, аслида ҳам уни деб тўхтагани йўқ эди.
— Аккумулятор.
— Нима қилишни биласизми? Иккинчи тезликка солиб, ўт олдирасиз ва узатгични ишга соласиз.
— О, буни биламан.
— Мен тезликни олганимдан кейин, сиз узатгични секин босинг, — давом этди у. — Секин.
— Биламан. Аккумулятор бутунлай ишдан чиққан.
Палмер “фольксваген” атрофини айланиб чиқди. Аёл ҳамон изидан қолмас эди.
— Машинага ўтиринглар, иккалангиз ҳам, — аёл боласига буюрди. — Сизга кўп раҳмат, — мурожаат этди Палмерга у.
— Бу аккумуляторни нима қилиш кераклигини биласизми?
— Шу атрофда тунги гаражлар бор. У ерда бир ёки икки долларга зарядлаб беришади. Бошқа иложи йўқми?
— Генератордан ўт олдириш учун кўп юришга тўғри келади. Бу фойда бермаслигиям мумкин. Қисқа тўқнашув чиқиши хавфи ҳам бор. Гаражга мурожаат қилганингиз маъқул.
— Жуда қиммат. Имконим йўқ. Ҳафтанинг охиригача 30 цент пулим қолган.
У жилмайиб, бош силкиб қўйди. Сўнг машинага ўтирди. Палмер “корвет”нинг бурнини “фольксваген”га тақаб, кичик тезликни ишга солди. У аста-секин тезликни ошира бориб, машинани олдига жилдирди. Амортизаторлар оҳиста ғирчиллади ва “фольксваген” жойидан қўзғалди. Аёл зудлик билан тўрт марта сигнал берди ва қизил чироқда Иккинчи авенюнинг муюлишига бурилди. Палмер бурчакка етиб борганда “фольксваген” ғойиб бўлган эди.
— Эшитдингми? — сўради у.
Виржиния бош силкиди.
— Агар тўхташ жойидан ўрин топилса, у боласи билан машинада ухласа керак.
— Ҳозир совуқ-ку.
— Балки чек душанбада эрталаб келар.
— Қанақа чек?
— Алимент ёки ёрдам.
— Қаердан бил...
— Етар энди, — аёл гапни бўлди, овози совуқ ва силлиқ эди.
— У оғир аҳволда. Ҳали ёш экан. Ҳеч бўлмаганда машинани сотиши мумкин, агар ўзиники бўлса.
— Аммо у жуда яхши таассурот қолдиради.
— О, худойим, Вудс, жим бўл.
Палмер Қирқ саккизинчи кўчадан шарққа бурилди, машинани топширди, хизматчининг уйигача элтиб қўйиш ҳақидаги таклифни рад этди ва Биринчи авеню бўйлаб Виржиния билан бирга кетди.
— Нега рад этдинг? Такси тополмаслигимиз мумкин, — деди аёл.
— У исмимни билади. Бизни икки томонга элтиб қўйиши керак. Соғлом ақл бундай қилиб бўлмайди деб турибди. — Палмер ўтиб кетаётган таксини чақирди, у бўш бўлишига қарамай тўхтамади.   
— Тушунаман. Кечирасан.. — Бир муддат жимликдан кейин у зўрға гапирди: — Вудс, гапларим сохта меҳрибончилик эмас. Баъзан аччиқ ҳақиқат шундай туюлади. Жавоб бермаслигинг мумкинлигини ҳам ўйлаб кўрдим. Бундай жавобларни кўп эшитганман.
 — Майли. Фақат менга кўнгли қаттиқ одам деб қараганларни ёқтирмайман. Ҳақиқатга яқин гапларни эса хотиржам эшитса бўлади.
— Ё худо! — У бир неча қадам олға юриб, совуқ ҳавога бир текисда ҳовур чиқарди. — Баъзи одамлар бефаҳм бўлади, аммо сен ундай эмассан. Сенда ажойиб бир қобилият бор: ҳамма нарсани кўриб, ҳис қилиб турасан, аммо биронта амалий иш қилишни ўйламайсан. Бояги аёл...
— Қайси аёлни айтасан?
— Боласи, кучуги, аккумулятори ўтириб қолган “фольксвагени” бор ва ҳафта охиригача ўттиз центи қолган ёш  аёлни. Машинаси бирданига ўт олиб кетгани ғалати эмасми?
— Мен бил...
— Албатта, сен тушундинг. Аккумулятор бутунлай яроқли эди. Агар бирон кори ҳол юз бериб, тўғрисини айтиш лозим бўлса ва масала нима қилишга келиб тақалса, бу биринчи марта бўлмаса керак, аёл пули йўқлигини очиқ айтган. Вудс, марҳамат қилиб, тушунмадим дея кўрма. Унинг ғурури пул сўрашга йўл қўймаган.
— Аммо у ҳеч...
— Албатта, йўқ. Ижобий жавоб бўлмагандан кейин у дарҳол суҳбатни тўхтатган.
— Ишонаманки, сен...
— Йўқ. У жуда тушунадиган қилиб гапирди! Ана такси.
Палмер беихтиёр қўл кўтариб, силкитди. Такси тўхтади ва улар ўтирдилар. Виржиния шофёрга манзилини бериб, қўшиб қўйди:
— Бу жаноб узоқроққа боради.
Машина кўк чироқни кутиб, туриб қолди. Улар жим ўтиришарди. Машина қўзғалгач, Виржиния Палмерга бурилиб қараб:
— Марҳамат қилиб, ҳамма гаплар учун мени кечир, — деди... Унинг кўзлари кўп нарсаларни айтиб турарди. Уларга қараб қандайдир уят, ҳатто қўрқув ҳиссини уқиш мумкин эди. Палмер унинг қўлини ушлади:
— Қабул қиламан, — деди у, — марҳамат, сен ҳам менинг узримни қабул қил.
— Бугунги оқшом жуда саргузаштларга бой бўлди. — деди у жуда тез ва таъсирсиз оҳангда. — Болали аёл ҳам ортиқча ташвишга айланди. У ўйин қилди... — Виржиния гапини давом эттиролмай, елкасини қисиб қўйди.
— Очиқроқ айт.
— Даҳшат. Ҳар бир ёлғиз аёл шу аҳволга тушиши мумкин. Мен бу ҳақда гапиришни хоҳламайман. — У ташқарига қаради. Биз, ниҳоят, манзилга келдик, шекилли.
— Шундай.
— Сени юқорига таклиф қилолмайман. Тушунасанми?
— Ҳа.
— Буни жудаям хоҳлашимниям тушунасанми?
— Ҳа.
У оғир хўрсиниб қўйди.
— Сени бағримга босаман. Илонни кўкрагимга олган каби. Уни улоқтириб юбориш кераклигини била туриб...
— Виржиния...
— Э, худо, бу алжирашлар тамом бўлишини шундай хоҳлайманки... — У пастки лабини тишлади ва машинанинг олдинги ойнасига тикилди. — Мана шу бурчакда тўхтанг. Бурилиб ўтирманг. У ёғига ўзим кетаман. Хайрли тун.
— Менга рухсат этинг...
— Хайрли тун, — такрорлади Виржиния ва кўча тарафдаги эшикни очди.
— Леди, — огоҳлантирмоқчи бўлди шофёр, — бу томонга тушиб бўлмайди-ку...
— Йўлингдан қолма, Жек, — жавоб қайтарди у кўчага тушиб бўлиб. — Хайрли тун. — У эшикни қаттиқ ёпиб, машина олдидан йўлкага қараб чопиб кетди, туфлисининг баланд пошналари ялтираб, кўча чироқлари ёғдусини акс эттирарди. Бурчаккача чопиб боргач, у ёғига секин юриб кетди. Аёл кўздан ғойиб бўлгунча Палмер унинг келишган сонларини кузатиб турди. Шофёр тишлари орасидан нималарнидир сўриб, ғалати бир товуш чиқариб қўйди.
— Қаерга борамиз? — сўради у совуққина.
Палмер хўрсиниб, ўйланиб қолди. Сўнг:
— Дўстимни “фольксваген” машинаси бор. У Олтмишинчи кўча ҳудудида, Биринчи ва Учинчи авенюларнинг ўртасида иккинчи қаторда бўлиши керак. Келинг, излаб топамиз.
— Майли, излаймиз, — Шофёр тезликни оширди, такси светофор ёнидан ўтиб, олға интилди.
— У ёш аёл, — деди у, — қайси томондан катта кўчага чиқишни билса керак.
Палмер шу билан суҳбатга чек қўйилади деб ўйлаб, жим бўлди. Бироз юришгандан кейин шофёр гапга тушди:
— Мана шунисига тушунмайман. Одамлар нима қилишаётганини билмагандек юришади. Яна ҳаммаси маълумотли.
Палмер сигарет чекиб, “фольксваген”ни излаб бораверди.
— Ҳозирги маълумотлилардан ниманиям кутиш мумкин? Нарх ошгандан ошиб кетаяпти. Зиғирдак иш ҳақи билан қанақа маълумот олиш мумкин?
Палмер олдинга энгашди.
— Шу ердан бурилиб, илон изи қилиб ҳайданг.
— Яхши. Менинг ўғлим бор. Ўн беш ёшда. Икки йилдан кейин коллежга кириши керак. Бу даражани — олмагунча худди лойнинг ўзисиз. У “санъат бакалаври” деб аталади. У бўлмаса, ҳеч нарсага арзимайсиз. Аммо у — қобилиятли бола. Даҳо эмас. Оддийгина қобилиятли ўсмир. Ўртача баҳолар олиши мумкин. Нью-Йоркдаги коллежларга кириш учун ўртача баҳо зарурлигини биласиз. Энди ҳеч кутилмаганда 87 балл билан кирадиган қилиб қўйишибди. Бу — ўғлим учун тобутда ётиш билан баравар. Умуман, ҳамма рисоладаги йигитлар учун... Ҳеч ким аптекачи бўлишни хоҳламайди. У фармакологияга жойлашмоқчи, у ерда ҳозирча яхши тўлашади.
Такси Учинчи авенюга чиқди, сўнг яна шарққа бурилиб, ёндош кўчага ўтди. Палмер кўча бўйлаб “фольксваген”ни қараб борди, машина кўринмас эди.
— Барча иллатлар, — шофёр ҳасратини давом эттирди, — мактабга тақалади. Ўқитиш савияси паст. Улар болаларга зарур билимларни беролмайдилар. Ё, худо, телбасифат ғор одамлар, греклар, мисрликлар ва яна ҳеч кимга кераги йўқ аллакимлардан бошлайдилар. Булар болаларга зарурми — айтинг-чи?!. Улардан қандай наф бор? Ўқитадиган китобларини айтмайсизми? Бу китоблар кимга керак? Шеърият? Шекспир? Умрингизда кўрмаган, эшитмаган одамлар ёзган китоблар. Сиз ҳам уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз керак? Наҳотки бу китоблар болаларга пул ишлашни ўргата олса?
Такси Иккинчи авенюни кесиб ўтиб, дарё томонга қараб кетди.
— Исо ҳурмати, булардан воз кечиш керак, — тўхтовсиз валдирар эди шофёр, — болалар эркин нафас олсин. Жин урсин, улар мактабга нега боришлари керак? Ота сифатида гапираяпман болаларга яхши маълумот олиш ҳуқуқи берилган. Улар яна...
 — Секинроқ ҳайданг, — гапини бўлди Палмер. У Биринчи авеню охиридаги тўхташ жойида турган “фольксваген”ни кўриб қолган эди. — Жуда секин. — У ҳамёнини чиқариб, ён дафтарчасидан бир варақ йиртиб олди. Ёнидаги ўн долларликларни — улар учта эди, — қоғозга яхшилаб ўраб, кичкина тугунча ясади.
— Энди “фольк”нинг олдига ҳайданг, — буюрди у.
Аёл ва қизча машинада ўтиришар эди. Қизча кучукчани тиззасида ушлаганча ухлаб қолганди. Аёл таксига қаради. Палмер эшикни очганда у машинасидан чиқди.
— Мана бу нарсани тушириб қолдирибсиз, — унга мурожаат қилди Палмер.
— Менми? Йўқ, йў... Э, бу “корвет”даги йигит-ку.
— Менимча, буни сиз тушириб қолдиргансиз, — такрорлади у ўралган қоғозни узатиб. Аёл уни олди.
— Буни мен туширганга ўх...
Палмер эшикни ёпди. — Кетдик, ҳайдовчи.
Шофёр моторни ишга солди ва яшил чироқ ёнгач, Биринчи авенюга қараб ҳайдади. У шимолга бурилгач, тезликни камайтирди.
— Унга нима бердингиз?
— Мени ... ҳм, “Плаза”га олиб боринг.
— Хўп бўлади, — такси ғарб тарафга бурилди. — Шу ёқда турасизми, шеф?
— Йўқ.
— Бирон нарса ичишни хоҳлайсизми?
— Йўқ.
— Биров билан учрашмоқчимисиз?
— Йўқ. — Палмер негадир отелга етгунча индамай келди.
Шофёр ҳам гап кавламади. Ҳақини берар экан:
—   Бу ерда тунда такси топиш осон, — деди Палмер.


Қирқ еттинчи боб

Олд томонига бетондан соябон ўрнатилган уй қоронғи эди. Палмер шофёрга пул бериб, ичкарига кирди.
Қимир этмасдан бирпас жим қулоқ солди. Аллақаерда тўрда газ иситгич икки марта ширқиллади ва унинг овози кучли бўғиб қўйилган парраги  эшитилар-эшитилмас визиллаб айлана кетди. Палмер эгилди-да, туфлиси боғичини бўшатди. Юрган ҳолда оёқларини чиқариб, зинапоя томонга пайпоқда одимлаб кетди, хаёлидан чироқсиз чиқишга таваккал қилаётганим чакки бўлмадимикан, деган ўй ўтди.
Меҳмонхона эшиги ёнидан ўтаётиб, у босиқ қарсиллашни эшитди. У шартта ўгирилди ва қоронғилик ичидан ёвузларча ёниб турган бир жуфт катта-катта қизил кўзга тикилиб қолди. Юраги кўксини тешгудек қаттиқ урди. Худди танасидан айрилишга уринаётгандек, бўйин ва елка териси ҳар томонга қараб ўрмалай кетди. Тағин нимадир қарсиллади ва битта кўз синиб, икки қизил бўлакка ажради. Палмер енгил нафас олди, вужудидаги кескинлик йўқолди. У овозсиз камин олдига юриб борди, пайпаслаб оташкуракни топди ва уни қўрқитиб юборган икки бўлак кўмир чўғини наридан-бери уриб, майдалаб ташлади. Тўсатдан Палмер тўхтади-да, оташкуракни ташлаб, калта ва юпқа бир тарашани қўлига олди. У тарашани кўмир устига қўйди ва чўккалаб олиб, уни пуфлай бошлади. Худди серажин башара иштиёқ ҳиссидан титрагандай, кўмирлар сарғиш тусга кирди. Тараша чарсиллади ва бу товуш итнинг узиб-узиб паст ҳуришига ўхшаб кетди. Палмер эҳтиёткорлик билан пуфлашда давом этди.
Бир вақт оҳиста пишқиргандай овоз чиқарди-да, тараша ёрқин сариқ ёғду таратиб олов олди. Палмер тиззаларини ердан узди-да, чўнқайиб ўтирган кўйи бирдан кўтарилган алангага тикилди. У шу алпозда анчагача ўтирди, сўнг ўрнидан турди ва каминнинг илиқ ёғдусида оҳиста юриб, ҳайҳотдай хонанинг нариги тўридаги барга қараб йўл олди.
Пайпоқда бўлганидан полнинг совуғи яланг оёғидан ўтиб кетмоқда эди. Палмер катта чорқирра қадаҳга бироз виски қуйди-да, олов олдига қайтди.
У олов қаршисига келиб, ейилиб кетган дуб полга чордона қуриб ўтириб олди. Виски лаби ва тилига хиёл совуқ ботди. Бироқ томоғига етганида озроқ куйдирди. Ошқозонга тушганидан кейин эса олов ёқимли иссиқлик таратганча ҳар томонга чопа кетди. У яна бир қултум ютди ва бу гал виски дастлабки қултум ҳиссини беролмаганидан ҳафсаласи пир бўлди.
Энди тараша ловуллаб ёнар, ундан оқиб чиққан мум ҳар томонга сачрар ва майда пуфакчалар оҳиста вишиллаб, дудли аланга лоп-лоп қилар эди. Палмер аланганинг бир катталашиб, бир кичиклашиб турган тилларини томоша қилганча тарашадан кўзини олмасди.
Улар яна такрорланармикан? — қизиқсинди у. Математика нуқтаи назаридан улар такрорланиши мумкинмикан? Вақти келиб бу ҳақда Гауссдан сўраб кўриш керак. Агар, деб ўйлади у, Гаусс умуман у билан яна гаплашсагина сўрай олади.
Вискидан ҳўплаганича ва Гаусс билан тартибсиз ҳамда ғалати тарзда чўзилиб кетувчи суҳбатни қадам-бақадам кўз олдига келтирганча тек ўтирарди у. Унинг сирли ғояларида жон бордек кўринарди. Тижорат нуқтаи назаридан оқилона туюлмоқда эди. Агар ҳозир, уларнинг ҳақиқий кўринишида, ҳеч бўлмаганда, улар бутунлай шундай бўлмаган тақдирда ҳам бисотида лоақал бир мисқолча ижтимоий онг бўлган ҳар қандай банкнинг бурчи бундай ғояларни молия билан таъминлаш эмасми?
Гаусснинг ҳафсаласини қаттиқ пир қилганини у биларди. Лекин у бундан ортиғидан умид боғлашига йўл қўймаганди.
Палмер стаканни охиригача симирди ва аланганинг нотекис учларига маъносиз тикилиб қолди. Ҳа, жувон уни сеҳрлаб қўйганди. Иссиққа ҳам қарамай, кўзлари ачишганига ҳам қарамай, Палмер киприк қоқмаётганди.
У ўгирилди ва улкан хонага синовчан разм солди, унинг тўрдаги бурчаклари энди қоронғи тортган ва ўртасигина ўчаётган оловдан ғира-шира ёришиб турарди. Марҳум ака ва марҳум отанинг орқасига ўтиб яшириниш қўрқоқликдан бошқа нарса эмас, деди у ўзича. Ҳам қўрқоқлик, ҳам болаларча соддалик.
У камин олдига қайтди ва оташкурак билан йирикроқ чўғларни уриб майдалади. Ёғду тезгина ўчди. Кўмирлар қандай хира қизғиш тусга кириб, сўнг бирин-кетин ўчишини у бир лаҳза томоша қилиб турди. У оташкуракни қўйди ва ўша қуруқ пайпоқда хонадан йўлакка чиқди. У зинапояни топди ва оёғи билан зиналарни битта-битта пайпаслаб, қўли билан панжарадан ушлаб суянганча қоронғиликда аста юқорига кўтарила бошлади.
У секин ҳаракат қиларди. Агар узун зинапоянинг ҳар ер-ҳар ерида майдонча бўлганида, тўхтаб нафасни ростлаб олса, сўнг яна кўтарилаверса бўларди. Бироқ рўпарасида, худди аввалгисидай, яна бир зинапоя турганидан у тез-тез тўхташга мажбур бўлмоқда эди. Унинг мувозанатини сақловчи аъзоларидан нимадир ишдан чиққан бўлиши керак. У гавдасининг ўнг томонга, панжара тарафга кескин оғаётганини  ҳис қилди. Афтидан, таянч нуқтани кўролмай, у ўзини тўғри тутолмаётган эди.
Бироздан сўнг, ўн-ўн икки одимлар ташлагач, у тўхтади ва қоронғида кўзларини юмиб турди — ўнг қўли билан панжарани маҳкам қисиб, ўзини тутиб туриш учун оёқларини кенг ёйиб олганди.
Қўли панжарани бадтарроқ қисди. У кафти терлаганлигини ҳис этди. Оҳиста чап қўлини олдинга олди-да, у қўли билан ҳам панжарани маҳкам ушлади. Шу ҳаракат унинг мувозанатини бузди. Манглайига тер чиқди. Унинг мияси шиддат билан ишлар, фикрлари олдинга ва орқага отилар, ўтмиш манзаралари лип-лип қилар эди: “Мен умрим бино бўлиб бир тўхтамга келган нарсам — бу бинони ташлаб, Нью-Йоркка келишга азму қарор қилганим бўлди”. Энди бундоқ ўйлаб қарасам, ҳатто шу азму қарорим ҳам қандайдир бошқа одамга қарши қаратилган экан. У одам ҳам худди шундайин банкдаги столида тирик ўтирганидек, Роз-хил қабристонидаги ўз хилхонасида абадий уйқуда ётибди.
Палмер чайқалиб кетди. Энг аввал нима қилиш кераклигини у биларди — бемалол, ақлни пешлаб яна барқарор ҳолатига қайтиши, қаддини ростлаши, кучини тўплаши ва кўтарилишда давом этиши керак.
Лиммо-лим бир ваннадан сутдай, тўсаттан оппоқ, тип-тиниқ нур тепадан унинг боши узра тўкилди.
— Вудсмисан?
Ёруғликдан у ўзига келди, боши айланишдан тўхтади. У қаддини ростлади ва иккала қўлини панжарадан олди.
— Мазанг бўлмаяптими?
— Сал кўпроқ олворибман, шекилли, — деди у хаёлига келган дастлабки ўйга маҳкам ёпишиб; шу заҳоти ўзини меҳрибон хотинининг ихтиёрига топшириб қўяётганини ҳам англади.
— Гапингни англамаяпман. Бўпти, бу ёққа чиқ.
Эгнига кўк-яшил шотландча халат кийиб олган Эдис унга қараб турарди. Унинг сочлари майда сариқ гажак қилиб бураб ташланганди. Юзи бўрдай оппоқ ва маъносиз, кўзларидаги сурма ювилиб кетган, лаблари пушти эди. Яноқлари тагида заиф яшилга мойил соя кўзга ташланарди.
— Сени уйғотиб юборганим учун узр.
— Уйғотмадинг. Китоб ўқиб ётгандим. Келиб, камин олдида нималар биландир машғул бўлганингни эшитиб тургандим. Уйдалигингни билганимдан кейин ухлаб қолдим.
— Кутишнинг кераги йўқ эди. Қанчагача ҳаяллаб қолишимни билмайман дегандим-ку.
— Ҳа. — Хотинининг қўли чироқ ўчиргичдан пастга тушди. — Бу шаҳарларда... — У қўли билан ноаниқ, тушуниб бўлмайдиган ҳаракат қилди, — нима бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон билмайман. Ярим тунда сенга нима бўлишини ҳам ҳеч қачон билмайман.
— Қўявер. Мен таксида юраман.
— Кейин, — деди жувон гапида давом этиб, — ухлаб қолиб, дарров уйғониб кетдим,  чунки сен бўкирибми ё инграбми юбординг. Бу  ҳам жуда қўрқинчли овоз эди, Вудс. Билмадим, аммо шундай эшитилдики... — Аёл бошини чайқади.


Қирқ саккизинчи боб

Бруклинда қаттиқ совуқ ҳукм сурарди. Ист-Ривер узра тунги январ шамоли эсар, дарёда муз бўлаклари сузарди. Хейтс туманида майда, аммо серҳашам кўпхонадонли уйлар орасида ва Бороу Холл атрофидаги очиқ жойларда шамол увларди. Тунги соат ўнларга яқин ҳатто ишчан одамлар яшайдиган маҳаллаларни ҳам сукунат чулғаганди, аҳён-аҳёнда бу сукунатни битта-яримта машина овозигина бузар эди. Олисдаги Бруклин кўприги панжараларини ҳисобга олмаганда, ўйлади Палмер, ушбу туманни ҳар қандай мўъжаз шаҳарчанинг ишчан қисмига йўйиш мумкин эди. Шиддатли шамол кўчаларни ана шу тариқа шиббалаб ташлаганди.
Палмернинг асли бруклинлик бўлган ҳайдовчиси машинани моҳирлик билан бир қанча тор кўчалардан олиб ўтди-да, агар гранит деворига ўйиб ишланган эмблемаларига қараб ҳукм чиқарилса, бир вақтлар масон ибодатхонаси бўлган муҳташам эски бино олдида тўхтатди. Энди ибодатхоналиги ҳам қолмаган, деб ўйлади Палмер машинадан чиқаркан, чунки бугунги йиғилишни шу ерда ўтказишга келишилган эди.
У изғиринли шамолда бирпас тўхтаб турди ва шошилмай атрофга назар солди. Бу унинг Бруклин билан биринчи марта тўқнашуви эди. Эски шаҳар, ўйлади у. У бир вақтлар тароватли бўлган Манхеттендан анча кўҳнароқ кўринмоқда эди.
— Жимми, энди ярим тунгача сиз менга керак бўлмайсиз, — мурожаат қилди у ҳайдовчисига. — Иссиқроқ бир жой топиб, исиниб олсангиз бўлармиди.
— Бу пайтда бу ерда ҳамма нарса ёпиқ бўлади, мистер Палмер.
— Унда машинани қулфланг-да, мен билан юринг.
Улар эндор тош зинадан кўтарилишди. Ҳайдовчи залворли ўймакорли эшикни итариб очди. Ёнғоқ ёғочидан оро берилган вестибюлда ҳеч зоғ йўқ эди. Палмер қулоқ солиб, кулги овозини эшитди. У овоз келган томонга юрди ва йўлакдан ўтиб, дастасига ўймакори нақш солинган икки тавақали ёнғоқ ёғочдан қилинган улкан эшик олдида тўхтади. Қўнғироқ тугмачасини босиб, у эшикни қия очди ва сариқ кўзга дуч келди. Хона тўридагилар ҳамон кулишда давом этишарди.
— Вуди! — Бернс эшикни ланг очиб юборди ва унинг ҳар иккала кўзига ширакайф юзи намоён бўлди. — Чироққинам, кеч қолдинг-ку.
— Ҳайдовчим қаерда кутиб тура олади?
— Пастда, танобийда, — жавоб берди Бернс, қўли билан кўрсатиб. — Ўнгга қараб, биринчи зинапоя.
— Кейинроқ кўришамиз, мистер Палмер, — деди Жимми.
— Кира қол, Вуди, қўзичоғим. — Бернс Палмерни хонага бошлаб кирди ва эшикни ёпди. Кулги узилди.
Палмер хона ичига кўз югуртирди. Хонанинг деярли бутунлай узунаси бўйлаб стол турарди. Оқ дастурхонда овқат сарқитлари. Стол теварагида кечки кийимдаги бир гуруҳ кишилар ўтирарди.
Бернс Палмерни стол атрофидан етаклаб олиб ўтаркан, элликтача меҳмон билан биттама-битта таништириб чиқди. Улар яна айланишни бошлаган жойга келиб туриб қолишди. Палмер биронтасининг ҳам исмини эслаб қололмади. Улар одатдагидай, учдан бир қисм ирланд, учдан бир қисм италян, учдан бир қисм яҳудий эдилар. У Бернс билан ёнма-ён ўтирганида овқат сарқитларини йиғиштириб олгани официантлар келишди. Икки официант кўчма барни ғилдиратганча ликёрлар, брендилар, вискилар ва қаҳвалар улашди.
— Иккита қироллик қаҳвасидан, — буюртма берди Бернс.
Палмер официантлардан бирининг иккита идишга яримлатиб қаҳва қуйганини, унинг шериги эса уларнинг ҳар икковига ҳам бренди билан лиммо-лим қилиб тўлғазганини, сўнг уларни ўзи ва Бернс олдига қўйишганини кузатиб турарди.
— Менга керак эмас, — деди Палмер босиқ овозда. Стол теварагида суҳбат қайта жонланганди. — Озгина музли виски кифоя.
Столнинг нариги томон ўртасида семиз юз эгаларидан бири ўрнидан турди-да, қошиқча билан стаканни аста уриб қўйди.
— Жентльменлар, — деди у, — бизнинг кичиккина зиёфат иштирокчилари¬миз номидан сизлар ҳозиргина танишганимиз мистер Палмерга хуш келибсиз демоқчиман. Унинг зиёфатимизда иштирок этолмаганидан жуда афсусдамиз, аммо айб Буффалодан кеч учиб келган самолётда. Мен таомилга риоя қилишингизни илтимос қиламан, шунинг учун ортиқча такаллуфларсиз унга сўз беришимга изн бергайсиз. Вудс Палмер, “Юнайтед банк энд траст компани”.
У то ўрнидан туриб, таъзим қилиб, жилмайишга ҳаракат қилар экан, уни жиддий чапаклар билан олқишлаб туришди. Аввалига нотаниш одамларга қараб жилмайиш осон бўлмади, бироқ сал ўтмай у бунга кўникиб кетди.
— Жентльменлар, — деди у, — дарҳақиқат, мана шундай ажойиб зиёфатни бой берганимдан нечоғли афсусда эканимни айтсам, заррача ёлғон гапирмаган бўлар эдим. Бундай деётганимнинг сабаби шундаки, бу вақтни сизлар билан яқиндан танишишга сарфлаганимда нур устига нур бўлар эди, албатта, самолётлардаги зиёфатлардан кўра бундай зиёфатларни афзал кўраётганидан шундай деяпти деб ўйламасликларингизни сўрардим.
У кулиб бўлишларини кутиб турди-да, сўнг Бернс бир неча кун олдин унга сўзлаб берган бир узун қизиқ ҳазил воқеани ҳикоя қила кетди. Гарчи ўзи буни ҳеч қандай кулгили деб ўйламаса-да, Буффалодаги ҳамсуҳбатлари кулавериб ичаклари узилаёзган эди.
— Биласизлар, — давом этди у, — биз банкирларда ҳожатхона қоғози ҳақидаги бир латифа бор. Агар биз бирданига унинг навини жамоат ҳожат¬хоналари навига алмаштиргингиз келиб қолса, биз бунинг учун Олбаниданми... ё Вашингтонданми олишимиз керак бўлади. Банкларни бошқариш ана шунақа марказлаштириб ташланган.
Палмер ўз тингловчиларига тинчланиб олиш ва ўтириб рекламаларни кўришга томошабинларни мажбур қилганларидек хушчақчақлик ҳақини тўлатиб қўйиш учун имконият берди.
— Жентльменлар, иш пулга келиб тақалганда, жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга одам ўрганиб қолади. Хатони тузатиш ғоят қимматга  тушади. Менимча, бундай оқилона эҳтиёткорлик омонат банклари муаммосини ҳал қилишда бизнинг қароримизда қўлланмоғи шарт. — Палмер жим бўлиб қолди. — Хўш, энди кимда саволлар бор?
Столнинг тўрида ўтирган озғин юзли киши қўлини кўтарди ва Палмер унинг исмини билиб олгунча гапини бошлаб юборди.
— Мистер Палмер, — деди у баланд, хирилдоқ овозда. — Донолик ва эҳтиёткорлик — яхши нарса. Аммо бўлимлардаги мана бу билл, ёки оти нимайди, ўша Олбанида мана беш ё олти йилдан бери муҳокама қилиб келиняпти. Бизлар ҳаддан ташқари фаросатли ва эҳтиёткор бўлиб қолмадикмикан, нима дейсиз?
Тингловчилар кулиб юборишди. Уларни кулдирган тагдор савол эмас, англади Палмер, балки саволнинг унга қарши қаратилгани эди.
— Агар сиз иқтисодиётимизни барбод этишни мақсад қилиб қўйган ва билиб туриб уни ерга киргизиб юборишга қасд қилган бўлсангиз, бунинг учун сизга йиллар керак бўлади. Аммо ҳаммаси бирданига, бир  тундаёқ қулаб тушиши мумкин. Биз сиз билан туркумлар, жадваллар билан фикрлашга ўрганиб қолганмиз, бунда эгри чизиқлар гоҳ юқорига, гоҳ пастга эгилиб чиқиб-тушиб туради. Лекин аслида ҳамма нарса ундай содир бўлмаётган бўлади. Иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги аёлнинг ҳимматига ўхшайди. У кўп йиллар давомида мукаммалдай бўлиб кўриниши мумкин. Тўсатдан биргина сўз унинг бошига етади.
Сукунат чўкди. Уларнинг ҳушини жойига келтириб қўйганини Палмер тушунди. У тафсилотларга бу қадар чуқур берилмоқчи эмас эди, аммо энди кўрдики, тўғри қилибди. У ҳатто баридан ҳам батафсилроқ қилиб тушунтириши мумкинлигини ўйлади. Уларнинг юзларидаги ўйчан, бир қадар хўмрайган ифода, агар уларга ўзининг айнан мана шундай тоифага мансублигини айтгудек бўлса, ишончсиз ифодага осонгина айланар эди.
— Бу билан сиз бизга, — деди ҳозир бўлганлардан бири савол тариқасида, — иқтисодиётда тежамкорликка ўрин йўқ, деб айтмоқчимисиз?
— Йўқ, сэр, мутлақо ундай эмас. — Палмер чуқур уҳ тортди. — Борди-ю, сизларга шундай маълумотлар келгудек бўлса, улар халқдан чиққан бўлади, мендан эмас. Статистикани бир текшириб кўринг-а. Иш ҳақининг ҳар  йили ошиб боришига қарамай, жамғармаларнинг ўртача даражаси ҳозир 15 йил олдингисидан кўп эмас. Аслида у ҳатто қисқара бошлаган.
— Булар ҳаммаси тўғри. Лекин иш ҳақи билан баробарида ҳаёт қиймати ўсаяпти-ку, — ён бермасди савол берувчи.
— Тўғри, — унга қўшилди Палмер, — ойликка яшовчи ўртача одамни айнан мана шу нарса гангитиб қўйган. У эрта-индин эмас, айнан нима учун бугун пул сарфлаши сабабларидан биттаси шудир. Бу одам бугун сақлаб қўйилган доллари беш йилдан кейин, масалан, машина сотиб олиш учун етарли пул жамғарганида олдинги харид қобилиятини йўқотган  бўлади.
Тўсатдан орага чўмган сукунат Палмерга уларнинг кўнглига яна бир бор ғулғула солганидан дарак берди. Энди гапнинг пўсткалласи, деб ўйлади у, айни ҳолда бирон чора кўришда ўзларини ночор сезмасликлари учун уларни тушкунликка туширмаслик керак.
— Назаримда, — тилга кирди Палмердан бир нечта стул нарида ўтирган жиккаккина озғин киши, — сиз маошга яшовчи ўртача одамнинг соғлом фикрига барибир умидизлик билан қараяпсиз. Биласиз, агар унга ёмон муомалада бўлишса, у харидорларни исёнга бошлайди. У шу қадар калтафаҳм бўлмаса  керак.
— Тўғри, — жавоб берди Палмер. — У калтафаҳм эмас. Аммо бундоқ чуқурроқ ўйлаб кўрилса, харидорлар исёни нима дегани? Бу харид қилишдан кескин бош тортиш дегани. Истеъмолчи айтади: “То нархлар пастлашмагунча сабр қиламан”. Бу орада... Нима бўлади? Балки у молларсиз ишини ўнглаб олар? Ҳар доимгидай унинг рўпарасида учта муаммо кўндаланг туради — овқат, бошпана ва кийим-кечак. Истеъмолчи узлуксиз исён кўтаролмайди-ку, тўғрими? У ақлли одам, аввало у қандай кайфиятда бўлмасин, унинг олдида шундан бошқа йўл йўқ.
Янги саволлар кутиб, Палмер тек турарди. У тингловчилар кайфиятида қандайдир ўзгаришни ҳис қилди, аммо  бу нимани англатиши ҳозирча унга маълум эмасди. Нутқнинг аввалида улар анча дўстона кайфиятда эдилар. Нутқини тугатганида эса ҳаммалари пинҳоний  шубҳапарастга айланган эдилар. Кейин ҳужумга ўтиш ҳаракати бошланди. Энди улар афтидан, то кайфиятлари аниқланмагунча кутиб туришга аҳд қилган эдилар. Бирларининг юзида ҳеч қандай ифода йўқ, ўй-фикрлари аллақаёқларда кезиб юрарди. Палмер кейинги савол нима бўлганини аниқлаб  олишга ёрдам берар, деб умид қилди.
— Мистер Палмер! — Семиз ҳам, ориқ ҳам эмас оппоқ сочи Макартурчасига олинган миттигина киши ўтирган жойида бетоқат типирчиларди. — Сизнингча, саноат соҳаларига хизмат қилувчи мана бу, дейлик, лицензиялар бўйича амал қилаётган корхоналарнинг бевосита келажаги қандай?
Палмер бош ирғаб қўйди ва яхши кайфият табассумини сақлаб қолишга  ҳаракат қилди. У улар кайфиятидаги ўзгаришни англади. Энди уларнинг қизиқиши яққолроқ кўрина бошлаганди, мавҳум эмасди. Бўлажак бизнесчилар сифатида улар муайян ишчан имкониятлардан манфаатдор эдилар.
Палмер бу имкониятларни қисқача тасвирлаб берди ва яна бир қанча мана шундай саволлардан кейин йиғилиш раиси ўрнидан турди ва унга ташаккур айтди. — Гарчанд омонат банклари ҳақидаги мақола биз учун ҳам унчалик равшан бўлмаса-да, барибир маърузангиз ғоятда мароқли бўлди десам,  кўпчиликнинг фикрини ифода қилган бўлур эди. Менинг тушунишимча, сиз ўз банкингизда олди-қочди суҳбатлардан кўра кўпроқ маълум муҳокамалар олиб бориш тарафдорисиз.
Палмер таъзим қилиб қўйди.
Бернс оғир хўрсинди:
— Вуди, қоқвош. Мен сенга банкир ролини қандай ўйнашни ўргатмайман. Сен менга сиёсатдон ролини қандай ўйнашни ўргатма. Бу нусхаларни ўз томонимга оғдириб олдим деб ўйлаяпсанми?
— Билмадим. Лекин мен уларни ўйлашга мажбур қилдим.
— Бизнес ҳақида, аммо сиёсат ҳақида эмас. — Бернс сигарета тутатди. Қоп-қоронғи машинада чақмоқтош алангаси унинг кўзларида майда сариқ учқунлар бўлиб акс этди. —  Бизнес — бу мантиқ ва сен жуда мантиқли нутқ қилдинг. Сиёсат — бу мажбурият, у ҳар доим ҳам мантиққа асосланавермайди. Борди-ю, бу шундай бўлганида эди, борди-ю, номзодлар ва сайловчилар мантиқ қоидаларига риоя қилганларида эди, ҳар қандай сайловнинг натижаси олдиндан маълум бўлар эди.
— Гап мана бу сиёсий арбобларнинг ижтимоий мавқеи ҳақида кетмаётибди, Мак. Бу уларнинг бизнеси, бойишнинг хусусий бизнеси.
— Сен янгисан, — жавоб берди Бернс, — ва ҳар қандай янги каби бутун уйинни миридан-сиригача тушунаман деб ўзингга ишонасан. Сиёсатда мен ўқ еган чумчуқман, азизим, аммо мен ҳам барча қоидаларни билмайман.
— Унда қандай иш олиб бораяпсан?
— Бугунги оқшомни олайлик, — тушунтирди Бернс. — Жуда маъқул мисол. Сен у ерда нима гапирган бўлма, улар сенга нима гапиришган бўлмасин, сен ҳамманинг олдига похол солаётганинг ҳидини бурним сезиб турганди...
Машина Қирқ иккинчи кўча ёнидаги шоҳроҳдан бурилди ва бор тезлиги билан биринчи авеню бўйлаб Бернснинг уйи томон учиб кетди. Чап томонда БМТ биноси лип этиб кўринди-ю ғойиб бўлди.
— Сен гоҳо ўзингни ўзинг алдаётгандай туюлиб кетади менга, — давом этди Палмер кўчага қараганча. — Беш дақиқа бурун сиёсат ҳар доим ҳам мантиқли бўлавермайди, деган эдинг. Менимча, сен ўзинг ҳам унча мантиқли эмассан.
Бернс елка қисди:
— Айб бизда.
Палмер улар аллақачон Эллигинчи кўча атрофида эканликларини кўрди. Ҳозир улар ўнгга буриладилар-да, Бернс турадиган ўн саккиз қаватли бино олдида тўхташади.
Дарбон машина эшигини очди ва дастакдан ушлаб, Бернс томон чўзилди.
— Салом, мистер Бернс, сэр.
Бернс машинадан тушди-да, бир дақиқа дарвоза олдида турди.
— У эсимга тушди. Насроний Барни Барук эмасмиди?
— Соф орийча протестант насл, — жавоб берди Палмер.
— Ҳа-а? — Бернс ҳамон ўйга чўмиб тик турарди. — Ҳа-а. — такрорлади у.
Улар бир-бирларига кўзларини тикишди. Шунда Палмер ўзи кутганидан ҳам ортиқ даражада Бернсга нисбатан ҳақ эканини англади. Бу одам жаҳли чиққанда мантиқ-пантиқни бир четга улоқтириб юборишдан ҳам, ўз манфаатига қарши иш тутишдан ҳам тоймайди. — ибодатхонани ўз бошига ағдариб юборган  Самсоннинг ўзи дейверинг.
— Яхши ётиб тур, ўртоқжон, — деди Бернс.
Лабининг бир четини қийшайтириб, у мийиғида кулиб қўйди.
— Яхши ётиб тур, Мак.
— Оғирроқ бўл, бўтам.
— Сен ҳам.
Дарбон машина эшигини ёпди. Ҳайдовчи тормозни қўйиб юборди ва машина гулдираганча тун қўйнида елиб кетди.



Қирқ тўққизинчи боб

Эрталаб соат ўнларда Палмер ўз хонаси томон кетиб борарди. Сийналари лўмбоздай котиба телефонда гаплашарди. У котибанинг: “Кетдингми? Яхши,” — деганини эшитди ва котиба гўшакни илди.
— Э-ҳа, мистер Палмер!
Палмер одимларини секинлатди.
— Хўш?
— Мистер Бэркхардт лифтда ўз хонасига кўтарилаяпти.
— Раҳмат.
Палмер хонасига кирди, столга ўтирди ва шу шанбада Утикда ирод этиши керак бўлган нутқини таҳрир қилишда давом этди. Виржиния унинг ўтган кунги Бруклинда қилган нутқидан намуна олиб, қоралама қилиб қўйганди. Бир неча кундан бери эрталаблари Бернс билан суҳбати ҳақида афсусланиб мулоҳаза юритар экан, Палмер унинг агар тўлиқ бўлмаса-да, эллик фоиздан кўпроқ ҳақ эканини англаганди. Унинг нутқи, албатта, такаббурликдан холи эди, аммо у ўта майин, ўта сиполик билан ва тингловчиларга нисбатан тирноқча такаллуфсиз гапирганди. Мана, энди у қаламда нутқнинг аввалидаёқ илтифотли сўзларни ёзиб қўймоқда эди: “Қаттиқ банд бўлишингизга қарамай мен учун вақтингизни аямаганингиз ва мени сизларга мурожаат этиш шарафига муяссар этганингиз учун барчангиздан миннатдорман...” — шу топ унинг хонасига йирик-йирик одимлар билан Бэркхардт кириб келди ва эшикни гурсиллатиб ёпди.
Палмер кўзини кўтарди. Ичида ўзи билан ўзи курашгандек босс эшик олдида бир зум туриб қолди — ё дарғазаб эди, ё шунчаки ҳаво етишмаётганди. Унинг доимий қизил юзи янада қизариб кетганди, шунинг учун наридан-бери жилмайганда кўриниб кетадиган тишлари ҳайратомуз даражада оппоқ ва сунъий бўлиб кўзга ташланарди.
— Салом, Лэйн, — деди Палмер ўрнидан тураркан.
Бэркхардт нимадир деб минғирлаб қўйди-да, ўтиравер дегандек қўл силкиди.
— Бу бош ўлгур сира ташвишлардан чиқмади-чиқмади, — бидирлади у.
Палмер қўли билан рўпарадаги ўриндиқни кўрсатди ва унинг қандай ўтиришини кузатиб турди.
— Қанақа ташвишлар?
— Тонгги рўзномани кўрдингми? Олбанидан хабар босилган.
— “Таймс” ва “Триб”ни ўқидим, уларда айтарлик ҳеч гап йўқ эди.
— Сен “Бюллетен”ни ўқи аввал, болам, — деди Бэркхардт паст хирилдоқ овозда. У пальтоси тугмаларини ечди ва ички чўнтагини узоқ кавлаштириб, охири ундан неча марта буклаб ташланган тутуруқсиз рўзномалардан бирини чиқарди. Палмер Бэркхардтнинг атрофидагилардан “Бюллетень” хабарларини ўқишини ва умуман уларга қизиқишини яширишга ҳаракат қилишини англади. — Тўртинчи бетда, — деди босс рўзномани столга шалоплатиб ташларкан.
— Деярли ҳеч қачон. Хўш, ўқишим керакми?
— Ҳар доим, ҳар куни сиёсий бўлим бериб борилади. — Энди Бэркхардт хиёл бемалол нафас оларди. — Сен янгисан, Вуди, шунинг учун ўзингни оқлаш имкониятига эгасан. Аммо сен шуни билишинг керакки, “Бюллетень” ҳар доим махфий ахборотни бошқа рўзномалардан бир кун олдин беради. Шу эсингда бўлсин.
Палмер бош ирғади ва Бэркхардт кўрсатган мақолани ўқий бошлади.
Бэркхардт ўрнидан турди, пальтосини стулга ташлади ва дераза олдига борди.
— Қандайдир иғво кетаяпти, — ғудранди у. — Бундай мақола беҳуда юзага келмаган ва уни кимдир атайлаб ёзган. Бернсни ишга сол. Бунинг замирида нима ётганини аниқласин.
Палмер телефонга узанди.
— Менга Мак Бернсни топиб беринг, — деди  у ва гўшакни олди. Сўнг Бэркхардтга юзланди: — ЮБТК акциялари кеча нақ бир банд кўтарилди.
— Бу ҳеч нима эмас.
— Доу-Жонснинг ўртача саноат индекси уч банддан ҳам пастроқ тушиб кетди. Лекин одатдаги ЮБТКга ўхшаган анча фаол банк акциялари кўтарилди.
— Мутлақо аҳамияти йўқ бунинг.
— Жет-Тех билан қўшма йиғилишимиздан сўнг Лумис ҳақида бирон нарса эшитдингизми? — сўради Палмер.
— Йўқ. Эшитишим керакмиди?
— Мен заёмлар ҳақида у янги, анча оқилона талаб қўяди деб хаёл қилгандим.
— У талаб қўймади. Мен ҳам ундан бу нарсани кутмагандим.
— Мен кутган бўлардим, — деди Палмер, — башартики, у сизни бурчакка қисиб қўя олмаганини ҳис қилганида, албатта. Бироқ модомики талаб бўлмаган экан, мен фақат тусмол қилишим мумкин эдики.... — Телефон  жиринглади, — назорат пакетини у қарийб чўнтагимда  деб ҳисоблаяпти.
— Гўшакни ол.
— Алло.
— Вудс, азизим. Wie geht’s1 ?
— Бугун тонгги “Бюллетен”даги мақола.
— Ҳа-а? — Бугун Бернснинг овози ҳаддан ташқари хотиржам ва дадил жаранглаётганди.
— Бунга қандай баҳо берасан?
— Менми? Сенга нима ҳам дердим, бўтам? Дуч келган гўнгни титаверишим керакми? Менинг шундай қилишимни истайсанми сен?
Симнинг нариги учида жимлик чўкди. Сўнг:
— Сен менга бир гап айтмоқчимисан, Вуди? — сўради Бернс ифодасиз оҳангда.
— Бу ерда нимагадир ишора қилинаётгандек туюлмаяптими сенга?
— Сўнгги оқшомда ўзингдан олган нарсалар, вассалом. Агар сенинг менга айтадиган гапинг бўлса, нега шартта олдимга келиб, айтиб қўя қолмайсан?
Палмер кулди:
— Яхшиси мен буни сенга сиёсатдон сифатида инъом қиламан. Мак, сен ҳаддан ташқари сезгир бўлиб кетаяпсан. Ҳеч қанақа ишора-пишора йўқ.
— Тушки танаффусда нима қиласан, Вуди?
— Бугун кўришувимиз бор.
Палмер ўйланиб қолди. Учрашмоқчи бўлса, Бернснинг ҳар доим иккала оёғини бир этикка тиқиб оладиган одати бор эди, аммо ҳеч қачон бугунгидай бўлмаганди.
— Соат саккизларда сенга қаерга қўнғироқ қилай? — сўради Палмер.
— Уйга. Аммо тўққизда мен Олбанига кетаман.
— Яхши, — жавоб берди Палмер, — мен сенга қўнғироқ қилиб, қаерда учрашажагимизни айтаман.
— Жиннимни чиқариб юбординг, — деди Бернс зўраки ҳаяжонли кесатиқ билан. — Бўпти, бўтагинам, — қўшиб қўйди у суҳбатга хотима ясаб.
— Кўришгунча. — Палмер гўшакни илди ва Бэркхардтга афтини қийшайтириб қўйди.
Хафақон бир тарзда Бэркхардт аста ўрнидан турди. Унинг ҳаракатлари қандайдир сустлашгандай эди. Ҳар доим ерга урса осмонга сапчийдиган одам ўз ёшига мувофиқ ҳолда бирданига қувватидан айрилганди. Тўғри, бу кўп ҳафтадан бери тўпланиб қолган зўриқишлар натижасими ёки “Бюллетень”даги мақоладан бевосита пайдо бўлган ҳаяжонми, буни Палмер айта олмасди.
— Келаси ҳафтада банк қўмитаси қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилишини хабар қилганида мен Олбанига отланмоқчиман, — деди Палмер ва бу билан кекса миққийни хотиржам қиламан деб ўйлади. — Аввал Утикда бўламан, кейин Рочестерда, Олбанига эса эҳтимол пайшанбада қайтарман .
Бэркхардт бош ирғади: — Улардан сира ортда қолишни истамасдим, — деди у паст овозда, гўё биров эшитиб қолишидан қўрққандай. — Бултур ишларим беш бўлганди. Кўп кучимни олганди-ю зое кетмаганди. Бу йил эса... — У эшикка томон бурилди, сўнгра яна Палмерга ўгирилди ва унинг кўзига тикилди. — Шунинг учун ҳам бу йил сени олгандим, ўғлим. — Буни у яна Бэркхардтга айланиб, кескин оҳангда айтди. — Бунга панжа орасидан қараб бўлмайди. Агар мен чол ўтган йили уларни тўхтатиб қололган эканман, сен бу ҳаромиларнинг жонини суғуриб олишингни кутсам бўлади, борди-ю, сен бундай қилмасанг, дўстим, ЮБТК билан хайр-маъзурни насия қилаверсанг бўлади. — Бэркхардт аста кўтарилди, Палмер ҳам, лекин у ораларидаги фарқни босс кўриб қўйиши учун оёқлари қанчалик бақувват эканини намойиш қилганча атайлаб азод ўрнидан турди.
Бэркхардтнинг истеҳзоли жилмайиши кўнгилдагидек чиқмади.
— Қаёққа лозим бўлса, ўша ёққа бурилавер, ўғлим. — У елкаларини ростлади, эшикни очди ва чиқиб кетди.   
Палмер эшик олдида узоқ туриб қолди, чолнинг шарти кетиб, парти қолганини қўшиб ҳисоблаганда, булар бари Бэркхардтнинг уйини эмасмикан — шуни билолмай боши қотди. Бироздан сўнг у Бэркхардтнинг қўлидан ҳамма нарса келади деган хулоса ясади.
Столига қайтиб келиб у ички телефондан Виржинияга қўнғироқ қилди.
— Реклама бўлими. Мисс Клэри ўша ердами?
— Бир дақиқа, марҳамат, мистер Палмер, — жавоб берди қиз, қўшни столда ўтирган Виржиния эшитсин дея атайлаб йигитнинг исмига урғу бериб.
— Хўш, мистер Палмер. — Виржиния телефон олдига келди.
— Бир дақиқадан кейин олдимга киринг.
Жувон унинг кабинетига кириб келганида Палмер унинг эгнидаги кўйлак янги эканини, нима бўлганида ҳам аввал уни кўрмаганини пайқади. Палмер қўли билан эшикни ёпинг ишорасини қилди ва жувон бурилганида юмшоқ кўйлаги остидан сийналари қандай дўмпайиб кўринишини кузатди.
— ...Агар бугун бўш бўлганингизда, ҳаммасини кўрсатган бўлардингиз.
— Қаерда?
— Билмадим. Мен Бернсга соат саккизда қўнғироқ қилишим керак.  У мен билан бир-икки дақиқага кўришмоқчи эди.
— Ўзининг уйидами?
— Ҳа. Афсуски, у Олбанига соат тўққизда кетаяпти.
— Бу даҳшат, — деди жувон.
Чиқиб кетар экан, жувон эшикни авайлабгина ёпди. Йигит айланма ўриндиғида оҳиста бурилди ва ёпиқ эшикдан кўзини олди.
Оқшом ҳақида ўйлар экан, у аллақачон ўзини Бернснинг квартирасида Виржиния билан кўриб турарди. Манзара қисм-қисм бўлиб, кимсасиз эшикда ёмон ўрнатилган фильмдай унинг кўз ўнгида лип-лип қилар эди. У кўзларини қисиб, ғилтакни алмаштиришга ҳаракат қилди. Агар тонг бундай манзарани тақдим этса, сермаҳсул тинч кундан умид қилмаса ҳам бўлади.
Охири уйга кеч қайтиши ҳақида Эдис учун бирон сабаб ўйлай бошлагандагина хотираларига чек қўйишнинг уддасидан чиқа олди.


Эллигинчи боб

Палмер Бернсникига кечки 8.15 дан кейин келди. Келса, у ҳозиргина соқолини қиртишлаган ва кийиниб олган экан, даҳлиздаги столчада икки костюмлик жомадон очиқ турибди. — Бирон нарса ичамизми, Вудс? — Палмерга мурожаат қилди Бернс, унинг ортидан меҳмонхона бўлмага борар экан. — Машина яна 15 дақиқадан кейин келади. Мен Вестчестр аэродромига 9.30 га бориб туришим керак.
— Ўшанақаси Олбанига учиб кетасанми?
— Бу энг майда авиайўлларидан бири, — тушунтирди Бернс ётоқ бўлмага кира туриб. — Лекин менга барибир. Янги турбовинтилларга қараганда майда самолётлар анча хавфсиз.
— Эҳтимол. — Палмер вискини қаттиқ-қаттиқ чайқади. — Сен ҳам ичасанми? — қичқирди у ётоқ бўлмасига томон.
— Жинни бўлгунимча, — жавоб берди Бернс. — Йўлга нақ бир шишасини.
Палмер унга аччиқ ичимлик тайёрлади ва стаканни бар пештахтасига қўйди.
— Мени нега кўргинг келиб қолди, Мак?
— Гаплашадиган вақтимиз келган деб ўйлайсанми? — сўради Бернс, хонага қайтаркан. У бир даста қоғоз кўтариб келиб, уни даҳлиздаги столчага қўйди. — Дўстона суҳбат.
— Қачон десанг тайёрман, ўртоқжон.
— Менга худди шуниси керак. — Бернс қайтиб келди, стаканини қўлига олди ва тахтага ўтирди.
— Соғ бўл!
— Соғ бўл!
Улар ичишди-да, сукутга чўмишди. Палмер пастда Ист Ривер шоҳроҳида машиналарнинг гувиллашига қулоқ солиб туришарди. У ўгирилди-да, Куинсборо кўпригига қараган деразадан кўз солди. Илиқ газ тумани орасидан кўприк жимирлаб кўринарди.
— Биз “Бюллетень” мухбирларидан суриштириб кўрдик, — деди у охири.
— Жиммиданми? — Бернснинг овозида ташвишдан асар йўқ эди. — Калаванинг учи топилгандир?
— Топилди. — Палмер оҳиста хўрсиниб, ўгирилди ва Бернснинг рўпарасидан ўтирди. — Манба номини топдик.
— Жимми уни сенга бердими? — Бернснинг кўзи ажаблангандек хотиржам қарарди. — Ҳа, билдим. У Жинни Клэрига айтган.
— Энг кулгилиси шундаки, — давом этди Палмер, — мен билган нарса бўлиб чиқди.
Бернс сапчиб турди-да, Палмернинг олдидан югуриб ўтиб дераза олдига борди. Худди саҳнадагидай, у деразага орқа қилиб санъаткорларча ўгирилди. Унинг чўзинчоқ юзи бадтар чўзилди.
— Вуди, бошқалар каби менинг ҳам сабр косам тубсиз эмас. Сен мени боши берк йўлларга бошлаяпсан, ва мен...
— Сени бундан ҳам чалкаш йўлга олиб кириш учун нима қилишим керак, Мак?
— Биргина ўйламасдан қилинган айблов. — Бернснинг пастки лаби таранг тортди.
— Бунақа айбловларим тўлиб ётибди. Энг тўғрисини танлашимга бир сония сабр қил. — Палмер Бернснинг одатдаги малла башарасини кузатди. Энди унинг ёноқ ва манглайи қандай қизараётгани яққол кўриниб турарди.
— Палмер, — гап бошлади Бернс бирмунча таъсирсиз оҳангда. — Ўзи аввал-бошиданоқ сен ҳам, анави сассиқ чол боссингиз ҳам менга ҳеч қачон ишонмай келяпсизлар, шундай эмасми?
— Шундай эмас. Бир неча ҳафта бурун ҳам мен сизга ишонар эдим. — Палмер яна вискидан ҳўплади. — Ишонганим шунчаликми, то шу бугунги кунгача ўзимга ишонмай келар эдим. Сиз рўзномада мана бу хабарни бостирганингиздан кейин нега бундай қилганингизга ақлим етмагунча сизга ишониб келаётгандим.
— Лекин бу сабаб бўлолмайди, — тутоқди Бернс, — сизнинг тусмолларингиз ҳам, исботларингиз ҳам хато. Мен сизга ўзимнинг сабабимни айтдим. Нима учун энди сиз бунга ишонмас экансиз?
— Шундай қилгим келиб қолди.
— Менга ишон, Вуди, — Бернс озғин қўлларини узатди, бирдан енгидаги игнатугмалар қандайдир жазавали ялтираб кетди. — Э худо, бизлар бир-биримизга ишонишимиз керак.
— Менга нисбатан ҳалол муносабатда бўлсанг ишонаман сенга.
— Ҳалолман.
— Синаб кўрамиз, — таклиф этди Палмер, — унча катта бўлмаган очиқ суҳбат қилиб кўрамиз. Менга айт-чи, штат маркази ташкилотининг ичида ҳақиқатдан нималар бўлаяпти?
Бернс бир нима демоқчи бўлди, бироқ оғзини очганча тек туриб қолди. У Палмерга бир мунча муддат тикилиб турди, сўнг унинг оғзи ёпилди, қўллари ҳар икки ёнида осилди ва у орқадаги диванга қараб кетди. Ўтирди-да, яна стаканни қўлига олиб, гўё ўзича енгил кулиб қўйди.
— Янги одам дегани ҳам шунақа фаҳм-фаросатли бўладими? — мурожаат қилди у диван ёнидаги бўшлиққа. — Ёки қизалоқ Клэри буни маълумотлар билан боқаяптими?
— У менга ахборотларни етказиб туради. — деди Палмер, — йилига эллик минг доллар маош оладиган маслаҳатчингдан ҳам кўпроқ маълумотлар келтиради.
Бернс бошини кўтарди ва Палмерга қаттиқ тикилди...
— Мен сенга вазиятни тўла изоҳлаб берганим йўқ, Вуди, — аста деди у. — Штат чеккаларидан менга нотинч миш-мишлар келиб турибди.
Палмер олдинга интилди:
— Қанақа миш-мишлар? Қаердан?
— Ван Калхейннинг у ерда одамлари бор. Хиёл майда тижорат банкларидан айримлари омонат банклари томонига ўтиб кетаётгани ҳақидаги маълумотларни олдик. Уларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ, чунки улар майда. Улар йирик марказий тижорат банкларини ёмон кўрадилар.
— Бу бемаъни гап! — қарийб қичқириб деди Палмер. — Улар бизга боғлиқ-ку. Биз уларнинг мухбир банки бўламиз. Биз уларнинг қўйилмаларини сотиб оламиз. Биз улар учун қимматбаҳо қоғозларни сотиб оламиз ва сотамиз. Эй худойим, биз уларга бейсбол биринчилиги матчларига ва Бродвейдаги томошаларга билетлар олиб берамиз, улар шаҳарга келганларида ўзларининг эрмаклари билан бўлиб, бизнинг дабдабали хусусий идораларимизда айланиб юришади. Биз улар учун ҳамма нарсани қиламиз...
Палмер меҳмонхона бўлмасига қайтди ва соатига қаради, Виржиниянинг қўнғироғига ҳам анча вақт бор эди. У яримлаган стаканни олди ва унга тоза вискидан қуйди, сўнг дераза олдига келди-да, кўприкка тикилди.
Кўприк Куинсга ва шунақаси омонат банклари бутун бир лашкарининг бўронли марказларидан бири Лонг-Айлендга олиб борарди. Барибир ҳам, у агар Жет-Тех пуфлаб шиширмаганида бу лашкар омон қолармиди? — ўзига-ўзи савол берди Палмер.
У стаканни оғзига олиб борди ва ичаётгани муздан хиёл совиган тоза виски эканини англади. Аммо ўзини ичишдан тортиш шартмикан? Бу оқшом унинг ҳеч қандай қиладиган иши йўқ. Агар тормоз марказлари ичкиликдан бироз тўмтоқлашса, янада каттароқ бўладиган лаззатни ҳисобга олмаганда, албатта.
Аслида Виржиниянинг у билан яна учрашиш хоҳиши Палмерни ҳайратга солгани йўқ. Қисман шунинг учунки, у жувонга ўша оқшомда, сиз билан муносабатларни узаман деб айтганида унга чинакамига ишонмаганди. Эҳтимол, эслади Палмер, бу шунчаки йўл топиш масаласи эди. Жувоннинг бошқа йўли йўқ эди. Олдинги кучли муҳаббатдан асар қолмаганди. Унинг пайдо бўлишига ҳам ҳеч қандай умид-пумид йўқ эди. Жувон тўла кўнгилчанлик нуқтаи назаридангина ишқий алоқа бошлаганди.
Борди-ю, улар бу алоқани узгудек бўлсалар, тушунди йигит энди, жувон ҳеч қаёққа қараб бурила олмай қолади, дарвоқе Палмер ҳам. Палмернинг оиласи бор, бу оила Виржиния учун онага қараганда Палмер учун кўпроқ ҳиссий манба бўлиб ҳисобланарди. Уларнинг иккови ҳам дақиқа таъсири остида бир-бирига сурилиб қолган эди, ҳолатлар муштараклиги, бир хилдаги очлик, ўзаро интилишнинг юзага келган ҳали заиф туйғуси уларни ҳаракат қилишга ундарди. Шу боисдан ҳам улардаги очлик шу қадар катта эдики, улар олдиндан ўрганиш бўлиб қолган одобли расмиятчиликлар билан тезгина ажрашиб кетар эдилар.
Палмер дарёда қуйига қараб сузиб кетаётган ихчам шатакчи кемага қараб қолди, оппоқ кўпик тошиб, унинг қоп-қора сувга урилган тумшуғи узра қалпоқдай осилиб қоларди.
Мийиғида кулиб, Палмер кутишга тоқати йўқлигидан ўзи билан Виржиния бутун дунёга, тезда лаззат олиш ва ўз очлигини тезроқ қондириш учун ўзини сарф қилиб юборадиган миллионлаб одамларга ўхшатди.
Эшикнинг оҳиста тиқиллагани эшитилди. Бир марта, кейин яна бир марта. Палмер кўзини очди ва ўгирилди. Вужудини сабабсиз ғазаб чулғаган эди. Қандайдир ярамас, қандайдир жонга тегувчи ярамас махлуқ унинг режаларини бузишга, чалкаштиришга, ташвишга солишга қасд қилган. Қандайдир югурдакми, дорбонми бўлса керак... Ёки Бернсмикин?
Палмернинг лаблари қимтилди. Агар бу Бернс бўлса, Виржинияга телефонда нима деб жавоб беради? Қўнғироққа Бернс жавоб қилади. Жувон унинг овозини таниб, ҳеч нима демай гўшакни илиб қўярмикан? Кечроқ телефон қилармикан? Ёки оқшом бутунлай расво бўлармикан?
Палмер эшик олдига келди.
— Ким?
Қандайдир минғирлаган, жуда паст ва маъносиз минғирлаган овоз келди. Йигит асабий башарасини тириштирди, қулфни пайпаслади ва эшикни очди. У ерда Виржиния турарди.

Эллик биринчи боб

Палмер бироз уйқусираб ётди. Виржиния унинг ёнида жим ётар эди. Жувон салгина қимирлаган эди, йигит дарҳол уйғонди. Йигит қимир этмай ётар, кўзлари юмуқ, бир текис ва чуқур-чуқур нафас оларди. Жувон яна бир қимирлаб қўлини ўзининг устидан юргазиб ўтганида ҳам у қимир этмай ётаверди. Нима учун бундай қилаётганига ўзининг ҳам ақли етмаётганди.
Бирмунча муддат ўтгач, у чақмоқтошнинг қисқагина ширқ этган овозини эшитди. Сўнг сигарета тутуни ҳиди димоғига урилди.
— Уйғондингми? — жуда паст овозда шивирлади жувон.
Палмер секин ва чуқур-чуқур нафас оларди. Тезда жувон эҳтиёткорлик билан тўшакдан турди. Палмер унинг нафас чиқарганини эшитди, афтидан сигарета тутунини пуфлади. Йигит кўзини очди ва атиги бир-икки метр наридаги жувон¬нинг танасини томоша қила бошлади. Жувон пардани суриб, кўчадаги нимагадир қарамоқда эди. Меҳмонхона бўлмага қараб очилган эшик орқали тушаётган тарқоқ нур соя туширмасдан жувоннинг думбалари оралиғидаги биргина чуқурликдан ташқари баданининг ҳамма жойини ёритиб турарди.
Хонадан ташқаридаги нимагадир маҳлиё бўлган ва уни кузатиб турган нигоҳ¬ни сезмаган ҳолда жувон мутлақо бошқача кўринарди. Нега шундай экан-а?
Балки, деб ўйлади Палмер, мен уни тинч ҳолатда умуман кам кўрга¬нимдандир. Ҳатто у ўтирган вақтда ҳам — ёзув столида, масалан, — йигит уни тинч ҳолатда турибди деб айта олмасди. Ундаги нимадир, эҳтимол кўзларининг ҳаракатими ёки овозими, йигитга алайна-ошкор жувон — ҳаракатда деб айтиб тургандай бўлади. Жувонга нисбатан эса бу қарийб ҳар доим ҳаққоний бўлар эди, деган тўхтамга келди у. Жувонда қандайдир жўшқин зўриқиш акс этиб турарди.
Айни дамда мен унинг кўзларини кўрмаяпман, ўйлади Палмер, бундан ташқари уни уйғотиб юбормаслик учун жувон нафасини ичига ютган. У жувонни уйдаги ўз хонасида қандай бўлса, шундай кўриб турарди — бир тирсаги билан дераза ёнидаги деворга суянган, гавдаси оғирлигини бир оёғига солган, иккинчи оёғи тиззасидан эркин букилган. Йигит унинг оёғи кафтини, устини, хиёл дағаллашган товонини томоша қилди. Ҳатто бутун тана вазнини кўтариб турган тўпиғи жудаям ингичкалигини йигит биринчи марта кўриб туриши эди.
Жувон аста хўрсиниб қўйди ва Палмер бу товуш сирини билишга ҳаракат қилди. Унда, деб ўйлади йигит, ҳис этилган қониқиш ҳам, танҳо ва тинчликда қолмаслик хоҳиши ҳам бор. Борди-ю, улар ўртасида қандайдир умумийлик бўлса, бу ҳаммадан ҳам зўриқишдан биратўла халос бўлишга ва барча хаёлларни итқитиб ташлашга ноқобиллик эди.
Эҳтимол, ўйлади Палмер, бу ақл борлигининг бадбахт натижасидир. У ётар экан, кўзлари жувоннинг оёқлари бўйлаб гоҳ юқорига, гоҳ пастга қадар ўрлади, қандайдир ҳеч нарсани ўйламайдиган, ёқимли зўриқишдан кейин бошланувчи сокин ҳолатда ётарди у.
Гарчи жувон баданини томоша қилиш унга лаззат бағишлаётган бўлса-да, у кўзлари юмилиб кетаётганини сезди. У мушоҳадалари қандайдир янада салқи тортиб, ҳаққониятдан узоқлашиб бораётгандай бир туйғуни ҳис этди. Нима бўлганда ҳам унга уйланиб ол, ўзича хаёлидан ўтказди Палмер.
Палмер диққатини аста улар келаётган ва кўзга элас чалинаётган йўлга тортди. Эдис, уйқусираб деди ўзича, ортиқча шовқин кўтармайди, унинг болалари билан кўришувига нисбатан иложсиз қаттиқ шартлар ҳам қўймайди.
Виржиниянинг, албатта, банкдан кетишига тўғри келади. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, унинг ҳам ковушини тўғрилаб қўйишлари тайин.
Мудроқ ҳолатда Палмер ўзининг молиявий ишларини таҳлил қила бошлади. Мулкнинг ярмини — бирваракай ёки қисмларга бўлиб тўлаш шарти билан — Эдис учун уйига, шунингдек у болалари учун турли трест жамғармаларига қўшимча тариқасида Эдис учун етарли бўлади — қолгани унинг бутун умрига кифоя қилармикан? Мутлоқ минимум сифатида эр ва хотин нима ҳисобига бемалол яшаши мумкин? Унинг бунга ақли етмасди. Ўн мингми? Йигирмами? Банкни ташлаб кетганларидан кейин улар узоқ сафар қиладиларми? Эҳтимол. Улар хорижга бориб яшашлари мумкин. Испания, балки, ёки Ўрта ер денгизидан биронта орол.
У ўзи ва Виржинияни хилват соҳилда, денгиз чуқурликлари орасида тасаввур этишга уринди ва буни кўз олдига келтиришдан ожиз қолди. Осонгина тасаввур этиш билан ўзини олис Риверада қалтираб турган ҳолда кўришнинг уддасидан чиқолмайдиган одамлар учун шаҳар эҳтимол тутилган ягона турар-жой эди. Шаҳардаги ҳаёт эса қиммат туради. Йилига 40 минг долларми? Модомики, тасаввур қилди Палмер, унинг яна кам деганда ўттиз йил яшаш нияти бор, бу эса харажатларга бир миллиондан ортиқ кетишини англатади. Ажрашувдан кейин бундай катта пулга ҳеч қачон умид боғлай олмайди. Борди-ю, харажатларни қисқартирса-чи? Чорак миллиондан фоизи йилига 12500 долларни ташкил этади. Бунга асосий маблағнинг яна 12500 долларини қўшади. Унинг қисқариб борувчи асосий маблағининг фоизлари камайиб борган бир вақтда у асосий маблағининг барча энг катта суммаларини сарфлайди ва ўттиз йилнинг охири қашшоқликка бориб тақалади. Бироқ бисотида йилига 25000 доллар бўлиб, унга...
У яна ирода кучи билан фикрларини асосий изга қайтарди. Асосий маблағдан олиш фикрининг ўзиданоқ у ларзага тушар эди. Балки бошқа йўли бордир.
Албатта, агар ажрашганидан кейин у Виржиния билан турмуш қурмаса, унда ЮБТКдаги хизматдан келадиган унинг даромади унга бемалол етиб-ортар эди. Улар бир неча йилни тишларини тишига қўйиб ўтказар эдилар. Кейин, улар турмуш қурганларидан сўнг уларнинг гарданига ҳеч қандай оғир юк тушмасди. У ЮБТКда қолаверган бўларди. Албатта, у Виржиниядан бир неча йил сабр қилишни ўтиниб сўрарди, бу вақт давомида уларнинг турмуши ҳозирги муносабатларидек сир бўлиб қолаверарди.
Виржинияга уйланиш ўзи нима дегани, қизиқувчанлик билан ўйлади Палмер. Унинг шаҳвоний нафси кучли бўлиб қолишини Палмер аниқ-тиниқ ҳис этар эди. Унинг ўз нафси рисоладагидек бўлишига Палмер амин эди. Тўғри, вақти-вақти билан оладиган лаззатлари бир неча соат оралиғи билан кўп йиллик бир зайлдаги эр-хотинлик яқинлиги ўртасида фарқи бор. Унинг бундай вазиятни олдиндан билишга ёрдам берувчи етарли тажрибага эга эмаслигини фаҳмлаб, Палмер бирмунча бесаранжомлик сезди. Эдис билан кечган ҳаёти, ҳатто энг бошдан ҳам, жинсий алоқаларга унчалик бой бўлмаганди. Ҳафтасига бир марта — асосан улар турмушининг мароми ана шундай эди.
Палмер хотини билан ораларида ҳеч қачон кутилмаган, тасодифий яқинлик бўлмаганини эслади. Ҳаммаси қарийб жадвалдагидек кечарди, одатда жума ва шанба кунлари, сабаби эртасига тўйиб ухлаб олиш учун имкон бўлсин. Бирон марта ҳам навбатдан ташқари ҳолатда йўл қўйилмаган эди. Бундай тартиб ўз-ўзидан юзага келарди: Палмер ялинарди, хотини эса кўплаб узрли сабабларни рўкач қилиб, мулойимлик билан рад этар эди. Бундан ташқари, албатта, олдиндан тасаввур этмаган мураккабликлар бўларди. Масалан, улардан биронтаси тумов бўлиб қолганда ёки ошқозони безовта қилганида, ёки боши оғриганда Эдис бу иш билан шуғулланишни жоиз деб билмасди. Бу ҳам етмагандай, Эдис бир қанча филантропик жамиятларнинг фаол аъзоси эди; бу гуруҳларнинг йиғин ва тадбирларига қўшимча кейинчалик келган Ота-оналар ва ўқитувчилар уюшмаси йиғилишлари эр-хотинлик яқинлашувининг бутун жараёнини театрга бориш ва қариндош-уруғларни зиёфати таклиф этишлар билан бир қаторда улар турмуши тарзини иккинчи даражали нарсага айлантириб қўйганди.
Палмер кўзини юмди-да, фикрларини бир амаллаб изга солишга уринди. Бунда Эдисни айблаш мумкин эмас, ўйлади у. Модалар журнали сувратларининг услубига монанд тарзда у ғоят жозибадор эди. Эрига нисбатан жисмоний мойилликнинг йўқлиги Палмернинг уйга кеч қайтгандаги мана бу барча кечки зиёфатларнинг, ва яна бунгача Чикагодаги ўзини ножўя сўзлар билан итариб ташлашга хотинини мажбур этган барча оқшомларнинг қисман натижаси ҳисобланади. У ҳеч қачон хотинига тиқилинч қилмасди, Эдиснинг эса унинг нималарга қодирлигини яхшироқ билиши учун имкони бўлмасди. Фақат Виржиниягина унинг жинсий иштаҳаси нечоғли кучлилигини ёки бу иштаҳа лаззати йигит учун нечоғли муҳим бўлиши мумкинлигини намойиш этди.


Эллик иккинчи боб

Палмер уни уйига таксида олиб бориб қўймоқчи бўлди. Бироқ соат миллари аллақачон тонгги 6.30 ни кўрсатиб турарди, шу боис Бернснинг уйидан унга ўзидан олдинроқ чиқиб кетишга рухсат берди. Квартиранинг “тоза уй”га айланганидан 15 дақиқа ўтиб, Палмер ергача бир қават етмай лифтдан чиқди ва ён эшикдан бинони тарк этди. У Ист Ривер шоҳроҳидан бурилиб кетган, рулда жаҳлдор ҳайдовчи ўтирган бир таксини тутди. У Айдлуайлддан одам олиб келган бўлиб, қайтишида чиқадиган ҳеч ким йўқ эди. Бутун йўл давомида жимжимадор бетонли уйига етгунча Палмер ҳайдовчининг аламли нолишларини тинглаб келди.
У машина кўздан йўқолгунча кутиб  турди-да, уйига қараб кетди. Кўча тип-тиниқ бўлиб, ҳаво совуқ эди. Тонг ғира-шираси кўзга ташланиб қолган бўлса-да, осмон қўрғошиндай оғир кўринарди.
Палмер пальтоси, шляпаси ва шарфини илар экан, ичкарида ҳам ташқаридагидай кулранг ёғду ҳукмрон эканини ҳис этди. Атрофидаги ҳамма нарса гўё тош қотган. Ёқимсиз ғира-ширада зинапоянинг табиий эман ранги қандайдир дағал эди. Иккинчи қаватда ботинкасини ечиш учун Палмер бир зум тўхтади ва бу ҳаёт нима учун ҳар доим журналлардан кулгили сувратларни кўчириб олади, деб хаёлидан ўтказди.
У катта ётоқ бўлма ёнидаги ваннада устки кийимларини ечди. Аввалига ўзини энди тургандай қилиб кўрсатсаммикин деган беҳуда ўйни кечирди кўнглида. Агар Эдис ухлаб ётган бўлса, бу иш ғоятда қийин эди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, аввал тўшакни бетартиб ҳолга келтириши, ваннага қайтиб бориши ва хотинини уйғотиш учун душ сувини шариллаб оқизиб қўйиши керак бўларди. У ётоқ бўлмага кўз солди. Эдис ухлаётгандек эди. Палмернинг тўшаги ёйилиб ётарди. Яланг оёқлари билан товушсиз юриб, у йўлакай ички кўйлагини ечганча хотинига яқинлашди. Сўнг аста эҳтиёткор ҳаракатлар билан ёстиғи ва чойшабини титиб қўйди.
Ваннага қайтиб келиб, у трусигини ечди-да, бутун бўйи билан ўзини ойнага солди. Ойнани бу ерга ўрнаштириш Эдисдан чиққанди. Ҳар икковига ўз вазнларини кузатиб боришга ёрдам бериб, ойна катта аҳамият касб этишига Эдис амин эди. Ҳозир ойна Палмерга даҳшатли маълумотни тақдим этиб турарди: нақ киндиги тагида қизил-кўкиш тиш излари мана мен деб турарди Палмер ойнага яқинроқ келиб разм солиб қаради ва шаклидан унинг қандай келиб чиққанини пайқаш қийинлигини билди. Ўзича маънодор бош ирғаб қўйди-да, душ дастасини буради ва иссиқ ва совуқ ўртасидаги чизиққа келтириб қўйди. Сув шовқини хонани тўлдирди. У душ тагида туриб олди-да, баданини совунлай бошлади.
Эшикдан уйқусираган, тумшайган, деярли кўзга ташланмайдиган қошлари ўртасида иккита тик ажин ҳосил қилган Эдис пайдо бўлганда Палмер ювиниб-артиниб, ҳаммом халатини  кийиб олганди.
— Салом, — мулойим оҳангда деди Палмер.
— Ҳм. Қачон келдинг худо ярлақаб?
Палмер хотинининг тиниқ қора кўзларига синчков тикилди. Сурмасиз улар кичик ва униққандек кўринарди.
— Қизиқ, — жавоб берди Палмер саволга савол билан, — тинчликми? Эрта уйғонибсан?
Сийқаси чиққан олиб қочишдан уйқуга тўймаган Эдиснинг энсаси қотди.
— Соат бирда ҳам уйғоқ эдим. Сендан эса дарак йўқ.
— Иккигача сабринг етмайди-ку, — жавоб берди Палмер бунга. — Тош қотиб ухлаб ётибсан.
Дастлабки саволига жавоб бермаганини билиб турса ҳам Эдис сир бой бермади. Бунинг ўрнига ювиниш хонасига борди-да, тиш чўткасига қўл чўзди. У тишини юва бошлади, Палмер эса соқол чўткани намлаб, стаканда совун кўпиртирди. Ванна ичини ялпиз аралаш енгил лаванда ҳиди тутди. Шиша деворда қизғиш ёғду жилваланди. Палмер юзини чайди-да, соқолини қиртишлай бошлади. Аҳён-аҳёнда у хотинига кўз ташлаб қўярди — суриштиришга тушиб кетмоқчи эмасми, ишқилиб. Бирдан хотинини анчадан бери бундай ҳолда кўрмаганини эслаб, унга разм сола бошлади. Улар меҳмонхонада туришганида ваннахонага фақат бир киши сиғарди. Улар бу уйга кўчиб келганларидан буён Эдис негадир ҳар куни ундан олдин келиб ювинарди.
Юмшоқ эластик пижама худди ҳомиладор аёллардай Эдиснинг елкасида шалвираб турарди. Тепадан тушиб турган оч пушти нурда пижама янада тўқ кўк бўлиб кўринарди. Девордаги иситгичлар яхши ишлаб турганига қарамай, Эдиснинг энсиз яланг оёқлари ва болдирчалари совқотганидан ғоят аянчли кўринмоқда эди. Хотинини тишини тозалаб бўлиб, баланд бўйли шишадан аллақандай сутранг суюқлик олиб, юзини чаяётганини кузатар экан, Палмер унинг думбалари силкинишидан сонида осилиб турган иштони аста сирғалиб, оёқлари атрофига тахланиб тушганини кўрди, тушган кийим чеккасидан фақат оёқ бармоқларигина чиқиб турарди.
Палмер кийинишга чоғлангунча хотини ётоқ бўлмадан чиқиб келди. Халатни ечишдан олдин тишланган жойни беркитиш учун Палмер трусигини тортиб қўйди. Бир неча дақиқадан кейин у ошхонага кирган эди, қараса, у ерда ҳеч ким йўқ экан, дастурхон ёзилмаган. У ошхонага борди. Ола-була гулдор қавиқли халатида миссис Кейж чойнакка совуқ сув тўлдираётганди.
— Салом. Миссис Палмер қани?
Бирмунча муддат ҳеч нима деб жавоб бермай, ошхона бекаси унга қараб турди.
— Тепада. Нима, соатим орқадамикан? Меники етти ярим бўлди.
Палмер ўзининг соатига қаради.
— Тўғри.
— Бугун эрта турибсиз, — деди аёл, — салом.
Ошхонадан чиқиб кетар экан, Палмер жиддий жилмайиб қўйди. Одатдагидан эрта турганим ҳам ҳеч нимани англатмайди, ўзига тасалли берди у. У узун эгма зинапоялардан катта эшик олдига тушиб борди-да, эшикни очди. Эшик ва девор оралиғидаги бўшлиққа кўздан яширин ташлаб қўйилган газеталарни пайпаслаб топгунча шамолсиз қиш тонгининг кучли изғирини барибир баданини тешиб юборгудек бўлди. Газеталарни топиб ичкарига шошилди ва яна зинадан кўтарилиб, “Таймс”даги Олбани хабарини ўқишга тутинди. Афтидан, айни вақтда у ерда баҳсли қонун лойиҳалари ҳаддан ташқари кўп эди, аммо бўлимлар ҳақидаги қонун лойиҳалари ҳақида эса бир оғиз ҳам гап йўқ эди.
Палмер “Герльд трибюн” ҳисоботини мутолаа қилганча биринчи қават майдончасида турар эди. Ўз одати бўйича Олбанидаги воқеаларни ўзаро бўлашиб, газеталар иккита мақола берар эдилар. Бири далилларни хабар қилса, иккинчиси бу воқеалар ривожини шарҳлар эди. Ҳар доимгидек, гапнинг тагига етиш учун ҳар иккала мақолани ёдлаб олиш заруратидан хаёл ғижиниш ҳис этарди. Шундай бўлса-да, воқеаларни танқид этаётган мақола тагида майда ҳарфлар билан pot pourri қисқа хабарларга кўзи тушди. Уларда турли миш-мишлар баён этилганди.
“Манба катта ҳам, кичик ҳам эмас, Виктор С., Катта Вик эса иттифоқ¬дошларига омонат банклари бўлимлари ҳақидаги қонун лойиҳаси муносабати билан Тамманининг мустаҳкам мухолифатида парокандалик ҳақидаги миш-мишларда заррача ҳақиқат йўқ. Унинг мавжуд ҳолатидан анча кўнгли тўқ бўлиб кўринувчи atter ego, публицист Мак Бернс штатнинг ғарбий округлари бўйлаб кичикроқ саёҳат қилмоқда”.
Палмер титраб кетди.
Юқори пиллапояда сайқаллаб кетиб, панжарадан ушлаб қолди ва ҳар иккала газета тушди. У газеталарни ердан олди-да, ётоқ бўлмага йўл олди.
“Таймс”ни Эдиснинг каравотига ташлаб, у ўзининг каравотига ўтирди, тиззаларини маҳкам қисиб, “Геральд трибюн”ни нима қилсам экан деб ўйланиб қолди. Саросималанганидан ҳатто газетани чойшаб тагига яширмоқчи бўлди. Сўнг ўзини қўлга олди-да, ўрнидан турди. Жуда секин ҳаракат қилганча у эшик олдига келди, залда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, тезгина катта эшик олдига келди. Уни очиб, кўчага чиқди. Қора пальтоли икки киши унга пешвоз келарди. Уларнинг ўтиб кетишини пойлаб турди. Совуқ унинг кўйлак ва шимлари орасига кириб кетмоқда эди. Қорни ичида енгил титроқ турганини ҳис этди. У дарров эгилди-да, газетани кўчада икки уй нарида турган машина остига улоқтирди. Тезда уйга кирди, эшикни ёпди ва исиниб олгани бироз тик турди.
Нафасини ростлаган бўлса-да, энди ўзини қўлга олиб, бутунлай хотиржам ҳолда у хабардаги қандай нарса уни ҳаяжонга солганини аниқлашга қарор қилди: кеча кечқурун Бернс Олбанида  бўлганми, (ҳолбуки Эдис уни Нью-Йоркда деб айтганди), ёки бу суллоҳ унинг олдига похол тўшаб кетганича Палмердан олдин чекка жойлардаги банкирлар билан суҳбатлашганми?
Атиги қирқ дақиқа ичида у учинчи марта зинадан кўтарила бошлади, бироқ бу гал қулоғига ноништага тўпланганларнинг ғовур-ғувури чалинмоқда эди. Афтидан, газетадаги хабарни энди оилавий бўлиб муҳокама қилишадиганга ўхшайди. У йўл ярмида тўхтади. Газетани гумдон қилди. Эдис бошқа нусхасини топишга ҳаракат қилмаса керак. Бу томондан кўнгли тинч. Аммо Бернсни нима қилиш керак?
Палмер емак бўлмага кирди ва Жеррининг санчқи, пичоқ ва қошиқларни териб қўяётганини кўрди.
— Ҳелло, кўринишингиз худди қўлида бурга ўлдирган одамга ўхшайди.
Палмер им қоқиб қўйди.
— Дарвоқе, яхши ётиб турдиларингми? — деди у.
Галстугини тўғрилаб, хонага судралганча Вуди кирди. У ўз ўрнига ўтирди-да, стакандаги шарбатни бир дафъадаёқ шундай симирдики, ҳатто энтикиб юборди.
— Салом, ота, — деди у бирдан сўнг.
— Дурустмисан? — Палмер овозидан асабийлашганини сездирмасликка ҳаракат қилди. Бориб ўз жойига, оила бошлиғи ўрнига ўтирди, энсасидан сал юқорида мияси лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. У оловда тобланган нон тўғрамига қўл чўзган Вудидан кўз олмай шарбатдан ҳўплай бошлади.
— Шошма, — ўғлини туртди у. — Ҳали ҳамма келгани йўқ.
Вуди елка қисиб қўйди ва столга келиб ўтираётган синглисига маъноли қаради.
Палмер ўзига қаҳва қуйди-да, қаҳва чойнагини Жеррига узатди.
— Ойингнинг пиёласига қуй.
— Унинг пиёласи лиммо-лим, — ғудранди қиз. — Совиб, ичолмайдиган бўлиб ётибди.
Палмер усталик билан қуймоқни улашди. Йиллар давомида ортдирган тажрибаси ҳар бир боласига ўзига қараб улуш беришни ўргатиб қўйганди — катта бўлаклар Вудига, энг кичкинаси Томга — ортиқча ўйлашга ҳожат йўқ.
— Эдис?
Хотини бош чайқади.
— Фақат қаҳва ичаман.
Палмер бир лаҳза тараддудланди. У аслида жиддийроқ овқатлангиси ҳам йўқ эди, аммо ҳузурбахш тундан кейин у одатда бўкиб овқатланар эди. Бугун ҳам шундай қилиш керак. У ўзига чўчқа гўштидан қўйди ва то униси ҳам, буниси ҳам бироз совушини кутиб, қаҳвани охиригача ичиб қўйишга ҳаракат қилди. Оғриқ энди бутун манглайига тарқалган ва аста бошининг чап томонига ўта бошлаган эди.
— Эдис, — деди Палмер, барибир асабийлашганини овозида билдирмасликка тиришиб, — бу болалардан биронтаси “илтимос” ёки “раҳмат” сўзини биладими?
— Илтимос, дадажон, яна озгина қуймоқ берасизми? — бир маромда бидирлади Вуди.
— Қуймоқ учун раҳмат, дадажон, — жўр бўлди Том.
Жерри ўй сурганча кавшанарди. Шу тариқа луқмани обдон янчиб, у оғзидаги борини ютиб юборди, одоб билан шарбатдан бир ҳўплади-да, салфеткани лабига текизди.
— Мен суюкли ота-онамнинг ҳар иккаловига ҳам, — гап бошлади у, — чуқур миннатдорчилик изҳор этаман, айниқса, менга маҳорат билан овқат сузиб берган...
Том кумуш қаҳва чойнагидаги ўз аксини ўйчан томоша қиларди. У ижирғаниб юқори лаби чеккасини хиёл кўтарди. Сўнг кўзларини қисди-да, нигоҳини у ердан узди.
— Том, — деди Палмер одатдаги оталарча ҳукмфармолик билан, — овқатингни е.
Кенжа ўғил овқат ея бошлади, Палмер ҳам.
Қуймоқнинг биринчи улуши мазаси ўртача эди. У нафис, юпқа қуймоқни хуш кўрарди. Бироқ бу тонгда унинг ғовак намчиллиги бирдан Палмернинг кўнглини беҳузур қилиб юборди. У Жерри томонга ўгирилди:
— Мактабда ишлар қалай?
— Ўша-ўша — бош оғриғи.
Палмер ҳозиргина у кашф этган чалғитувчи ҳаракатни чуқурлаштиришга тайёрланиб, санчқини қўйди. Фарзандлар кексайганингда таянч бўлишлари керак ва бўлганлар, ўйлади у.


Эллик учинчи боб

Ўша ҳафтада жума куни Линкольннинг туғилган куни байрам қилинди. Бундай байрам уик-эндга тўғри келмаганда ишбилармонлар доирасида сезиладиган қарийб илғаб бўлмас одатдаги тазйиқ банк соҳасида билинмаётган эди. Бошқа  идоралар тазйиққа бардош беролмай, бугун ишламасликлари мумкин эди, ўйлади Палмер 8.45 да ўз кабинетига кириб келар экан, бироқ банклар Линкольннинг туғилган кунини ўз байрамлари деб тан олмасдилар. Жанубда уни байрам қилмаганлари боис шимолий банклар агар жанубий штатлардан Нью-Йоркка қандайдир мухбирлик ишлари келиб турган ҳолда очиқ қолаверишлари керак эди.
Гарчанд Палмер банкка йўл олганда “Таймс”ни машинада  ўқиб чиққан бўлса-да, у газетани ўзи билан кабинетига олиб келганди — Олбани хабарларини яна бир карра кўздан ўтказмаса бўлмасди, Штатнинг қонун чиқарувчи муассасалари жон талвасасида бугунги тонгги қисқагина дастлабки сессияни режалаштирдилар, у сенаторлар ва қонун чиқарувчи йиғилиш аъзоларига одатдагидан анча узоқроқ уик-эндга уйларига  жўнашларига имкон бериши керак эди. Кун тартибининг бугунги тонгга қолдирилган икки банддан биттаси, Палмер кўрганидек, ғайриоддий қўшимчани — омонат банклари ҳақидаги қонун лойиҳасига тузатишларни муҳокама қилиш учун банклар қўмитаси мажлиси эди. Бундай тузатиш киритиш ғояси Бернсдан чиққан бўлиб, у уни бир неча кун аввал баён қилган эди. Ҳозир Палмер Бернснинг фикрлари иш беришига унчалик кўзи етмаётганди, лекин тагидан қараганда ғоя яхшидай кўринарди.
Омонат банклари бирлигини синдириб, Бернс киритилган тузатишга нисбатан ҳар қандай мўлжалли мухолифни заифлаштиришни тушунарди. Борди-ю, тузатиш киритилгудек бўлса, бу тижорат банки мустаҳкамлигидан гувоҳлик беради. Олбанида ва умуман ҳаётда эса куч гувоҳликлари бошга балодир.
Палмер ёзув столи олдига қайтди ва бугунги санани очиб, тақвим варақларини оғдирди. Варақда нимадир тирнаб ўчирилган эди. Бир дақиқа Палмер ўзининг шошиб ёзган хатини ўқишга тиришиб, ёзувга синчиклаб қаради. У тахминан бундай эди: “2 ҳфт сқлвлар йиғил”. У сатрни янада диққат билан ўрганди ва дастлабки икки сўз “Икки ҳафта” деган қарорга келди. Шунда у бутун ёзувнинг маъносини тушунди: “ЮБТК акцияларни сақловчиларнинг йиллик йиғилиши икки ҳафтадан кейин бўлади”. Ўзини текшириш учун у тақвимни яна ағдара кетди ва “жума” варағида, икки ҳафтадан кейин, “сқлв блд” деган ёзувни учратди.
Воқеалар жуда тез қуюқлашиб борарди. До Жонс кўрсатгичлари пастлашиш томон кетаётганини аниқлаган бир ҳафта ичида ЮБТК акциялари яна бир банд кўтарилган эди.
Умуман ўлик, маъюс бозорга қарши ўлароқ ЮБТК акцияларига талаб ошгандан ошмоқда эди. Палмернинг маслаҳати билан Бэркхардт шу йил акцияларнинг янги нодўст қўлларга ўтиб қолишини қисқартиришга ҳаракат қилиб, акциялар сақловчилардан муддатдан олдин овоз беришга одатдаги ишончномаларни сўраб олди, аммо бу энг кўп деганда бир неча минг акцияни ҳаракатсизлантириб қўйиш учун умид туғдиришга имкон берувчи “мен дўконни ёпаяпман” қабилидаги найранг эди. Айни вақтда агар Олбанидаги бернсча куч синашиш муваффақиятсизликка учрагудек бўлса, бу ҳатто дўстона кайфиятдаги акция сақловчиларга Бэркхардтнинг омонат банклари юзага келтирган вазиятни назорат қилишга қодир эмаслигини намойиш қилади. Бундай ҳолда Бэркхардт ЮБТК устидан назоратни қўлида ушлаб тура оладиган айнан ўшандай одам ҳисобланармикан?
Мураккаб ўйин, ўйлади Палмер. Очиғини айтганда, у Жо Лумис ташкил қилган қанотдаги ҳужумларни мувофиқлаштириб ўтиришни унчалик хушламас эди. Ҳар бир бўғимда муваффақият қозонишга имкон берувчи вақт ва куч захирасини танлаб олиш учун фавқулодда устамонлик билан тузилган айёрона режа.
Палмер шундай фикрлаганича телефон гўшагини кўтарди ва Виржиниянинг ички рақамларини терди.
— Бошинг қалай? — деб сўради у салом-алик қилиб ўтирмай.
—  Ҳмм. Хайрли... — унинг эринчоқ овози хириллаб чиқди.
— Ёнимга қачон кира оласан?
— Шифокорлар кислород ёстиқчаси ёрдамида ўзимга келтириши билан.
У гўшакни жойига илиб, ўзича кулимсираб қўйди. Иккаласи ҳам ўтган кеча қаттиқ маст бўлишган эди. У ниҳоят бугун эрталаб кайфи тарқаб, кўнгил¬сизликлардан қутулиб, ўзига келди. Уйга ўз вақтида — кечки ўн бирда қайтганим яхши бўлди, — деган хулосага келди у ўзича, — Эдисда ҳеч қандай шубҳа-гумон туғилмайди.
Ана, аёл кабинет эшигини очиб — ёпди, хонага пардалар орасидан қия тушаётган хира феврал қуёшидан қамашган кўзларини ярим очганча остонада бир неча лаҳза туриб қолди. Палмер унинг хона бўйлаб аста юриб келаётгани, иш столидан айланиб ўтиб, ўзига яқинлашаётганига қараб турди. Аёлдан келаётган билинар-билинмас, сигарет тутуни аралаш атир ҳиди унинг таъсирчан туйғуларига бўғиқ қўнғироқ овозидек таъсир қилди. Аёл энгашиб, унинг яноғидан ўпди ва лаб бўёғи юқиб қолмадимикин дея ўпган жойига қараб қўйди, яна ёзув столини айланиб ўтиб, қаршидаги стулга ўтирди. Аёл бурнини жийирди.
— Марҳамат қилиб, бунчалик димоғдор бўлманг, — деди аёл.
— Майли. Қандай бўлишим керак унда?
— Худо ҳаққи, бунчалик чиройли ҳам бўлманг. Менга ўхшаб ҳорғин бўлинг.
— Майли. Ҳорғин бўламан. Тўғри келадими?
— Худди каттакон банкнинг вице-президентига ўхшаб толиққан бўлинг.
— Менинг омадим юришяпти.
— Мени нега чақирдингиз? — хўрсинди аёл.
— Бу ер жуда ёруғ. Биз шафқатсиз одамлармиз, ҳеч нарсадан тап тортмаймиз.
Ва ниҳоят у кўзларини очди.
— Сиз нафақат шафқатсизсиз. Бу тунда бўлиб ўтган нарсаларни бажаришга мени қандай мажбур қилдингиз?
— Ҳар қалай, қўлингизни қайириш йўли билан эмас.
— Мен баённомага аввал ва ундан ҳам аввал, ҳеч қачон бунга ўхшаш нарсага қўл урмаганим ҳақидаги аризамни киритишингизни хоҳлайман. Ҳеч қачон.
— Қизиқ, бироқ таклиф сиз томонингиздан тушгани эсимда.
Аёл чуқур хўрсинди.
Сиз мени ўзингизга аллақачон маълум блган нарсани билиш учун чақирмагандирсиз?
— Мен ана шу хатони тузатиш ҳақида қаердан тез маълумот олишимиз мумкинлигини билмоқчи эдим Телетайпда бирорта танишингиз йўқми?
— Бернсга қунғироқ қилсак бўлмайдими?
— Мен биладиган жойлардан уни топиб бўлмайди. Уни топиб беришларини илтимос қилишим керак. Шундан кейингина у менга қунғироқ қилади. Доимий алоқа қилиш мумкин бўлган бошқа одам керак.
— Мен Олбанига, матбуот хонасига  қўнғироқ қилишим мумкин, — таклиф қилди аёл.
— Наҳотки шу ерда, шаҳарда ҳеч кимимиз бўлмаса? Мен уларни репортаж тайёрлаётган пайтларида безовта қилишни истамайман.
— “Таймс”га суқулиб кира олганимиздайди, Виржиния, агар сиз...
— Бубби! — кимдир қаттиқ қичқирди. — Буббили!
Палмер ўгирилиб, ишхона остонасида Виржинияга жилмайиб қараб турган кўзига таниш одамни кўрди. Палмер унинг бўйи деярли олти футга яқинлигини, фақат тўлалиги учун паканароқ кўринишини пайқади. Калта қирқилган сочлари остидаги ўйноқи кўзли юзлари ва дўмбоқ ияклари Палмерга таниш эди.
— Жонгинам. — Виржиния унга салом берди. — Менинг бошлиғим Вудс Палмер билан ҳам саломлашиб қўй. Бу — Кесслер, “Стар”нинг жентльмен бўлиб улгурмаган ягона фоторепортёри.
— Салом, Палмер! Ҳалиям кераксиз немис ракетачиларини йўлдан уриб юрибсизми? Қанақасидан керак?
Палмер Кесслернинг самимий кўзлдарига қаради. Бу кўзлар “танирмикин?” дегандек ҳушёрлик билан тикилиб турарди.
— Сиз?! — деди Палмер. У қўлларини узатди. Хаёлида қўллари қопқонга тушиб, бармоқлари сиқилиб қолгандек бўлди ва афтини буриштириб, бармоқларини тортиб олди. Кесслернинг пастки лаби ўртасида осилиб турган сигарета у гапирган пайтда сакраб, бежирим тикилган костюмига қуюқ кул сочарди.
— Қария, барибир бемаънилик қилдингиз. Сиз руслар қўлга туширган нарсаларни ўғирлашингиз керак эди.
— Нима, у доим шунақами? — сўради Палмер Виржиниядан.
— Йўқ. У ҳозир ўзини яхши тутаяпти.
— Тўппа-тўғри, — тасдиқлади Кесслер. — Аёллар бор жойда ўзимни тутишга мажбур бўламан. — У Виржинияга зимдан қараб қўйди.
— Айт-чи, азизим, фотобўлимингда телетайп борми? Ундан Олбани билан алоқа қилса бўладими?
Кесслер бош чайқади.
— Ассошиэйтед Прессдан фақат молиявий ҳамда тижорат хабарларини оламиз. Нимайди? — Ва қўшиб қўйди: — Фойда чиқадиган бирор нарса борми?
— Бугун эрталаб у ерда қонун лойиҳасига тузатиш киритиш бўйича овоз берилади.
— Яна банк бемаъниликларими? — тўнғиллади у. — Бубби, мен бу шаҳар ҳақида ўн беш йилдан бери фоторепортаж бериб келаман, лекин банкдан бирор марта тайинли сурат олганим йўк.
— Агар олганингда ҳам “Стар”да босиб чиқаришмасди, — деди аёл.
У бош ирғади ва Палмерга ўгирилди:
— Ундан сўранг. У сизга аёллар думбасини суратга олиш бўйича устаси фаранглигимни айтиб беради. Энг асосийси, ўн беш йил ичида мен “Стар” орқали нозанин аёлларнинг белини суратга олдим. Булар орасида Гусси Мореннинг калта теннис иштончасини кияётган пайтдаги сурати зўр чиқди. — У Палмерга қаради. — Нима сабабдан сиз ходимингиз кузатувида хилват жойларда дайдиб юрибсиз? — Одатда сиз эмас, репортёр олдингизга бориши керак-ку.
— Биз севги туфайли боғланганмиз — изоҳ берди Виржиния.
— Худо қўлласин сизни, Палмер, — деди қатъият билан Кесслер. — Бу қиз олий тоифали барларда қадаҳга солиб бериладиган ўртаси тешик бир бўлак музга ўхшайди. Шундай эмасми?
— Гапингизга қараганда бир гал тилингиз куйганга ўхшайди, — деди Палмер.
— Бир гал? — Кесслер кулиб юборди. — Азизам, сенинг ортингдан қанчадан-қанча таҳририятларга югурганимни унга айтиб бер.
— Бунчалик паст кетишнинг нима кераги бор? — жавоб берди Виржиния.
У аёлга бир сония ҳирс билан тикилди, кейин елкасини қисди:
— Бубби, мен сени телетайплар ёнига элтиб қўяман, лекин бошлиғинг шу ерда қолиши керак.
Палмер сунъий оч сариқ-жигарранг чарм қопланган эски узун ўриндиққа ўтирди. Атрофдаги тахта ромларга илиб қуйилган “Стар”нинг янги саҳифаларини кўздан кечирди. Сигаретини ўт олдирди ва узоқ вақт кутишни мўлжаллаб, қулайроқ ўрнашиб олди. Бироқ бир сониядан кейин Кесслер қабулхонадан ўтаётиб, унга “Сиз ҳалиям шу ердамисиз?” деган маънода сохта ҳайрат билан тикилди. Тез юриб келиб, ёнига ўтирди.
Палмер хўмрайиб, Виржинияга қаради:
— Қизиқ, бизнинг ҳамма сирларимиз ҳам шунақа кенг ёйилганми?
Кесслер бош чайқади.
— Отахон, ҳеч ким менга деярли ҳеч нарсани айтгани йўқ. Шунчаки, мен Мак Бернсни яхши биламан. Энди эса сизни ҳам билиб олдим, — унинг нигоҳи Палмердан Виржинияга, Виржиниядан яна Палмерга, кейин яна аёлга сирғалди. — Қандай қилиб у бунга эришади? Чамаси, сиз калтафаҳм йигитга ўхшайсиз. Қандай қилиб барча сафсаталарига ишона қолдингиз?
Палмер дастлаб боплаб жавоб бермоқчи бўлди. Аммо навбатдаги сонияда яхшиси индамаслик керак деган қарорга келди ва ниҳоят, енгил тортиб, ўзини босиб олганини ҳис қилди.
— Шуниси кулгилики, — деди у Кесслерга, — бошданоқ мен унга ишонма¬гандим. У биринчи юришини бошлашидан олдинроқ икки ёқлама ўйин қилаётганини сезгандим. Мен, ҳатто нима учун бундай ўйин қилаётганини ҳам биламан.
Кессер Виржинияга ўгирилди:
— Бубби, бошлиғинг қанақа одам ўзи? — деди-ю, яна Палмерга қаради: — Хўш, гап нимада? Гипнозми? Нима учун шундай қилишига йўл қўйдингиз? Ё сизга барибирми?
Палмер кўзини қисди. У олдингидек эҳтиёткорликдан эмас, асабийлашмаслик учун бироз жим қолди.
— Менга тўғрисини айтинг, — деди у вақтдан ютишга уриниб. — Нью-Йоркдаги газеталардан биронтаси Мак Бернсни қуллаб-қувватлайдими?
— Кимга ҳақ тўлаётган бўлса — ўшалар.
Палмер Виржинияга ўгирилди.
— Бу ҳам ҳаммага маълум.
Аёл бош ирғади:
— Сиз бунақанги қуруқ гаплар оғиздан-оғизга қанчалик тез ўтишини тасаввур ҳам қилолмайсиз.
— Бу нимаси? — Палмер яна сергакланди. — Бирортаси?... — У тутилиб қолди ва лабларини ялади. — Бу ҳамиша жамоатчилик бўйича алоқалар бўлимида қулланиладими?
Кутилмаганда Кессер масхаромуз жилмайди, шу аснода сигаретидаги бир дунё кул тўғри оғзига тўкилди.
Узоқ туюлган бир неча сония давомида фоторепортёр Палмерга қараб турди, кейин:
— Отахон, сиз мени жуда ажаблантиряпсиз. Акс ҳолда, Бернсга ўхшаш итдан туғилганлар ўзига керакли нарсаларни чоп эттириш учун журналистларни қандай ишонтиради?
Палмер секин бош ирғади. Шляпасини кийиб, Виржинияга қаради:
— Идорага қайтиб борамиз. Мен Олбанияга қўнғироқ қилишим керак.
Улар Олтинчи авеньюни кесиб ўтиб, олдинга қараб шиддат билан елиб боришмоқда эди.
— Вудс, — чуқур тин олди аёл. — Қаёққа шошяпсиз?
У қадамини секинлатди.
— Унинг фикрича, — вазмин овозда деди Палмер, — мен гўё бичилган одамман. Эсингдами? “Бошлиғинг қанақа одам ўзи?” дегани. Бу гапни қандай оҳангда сўраганини эслайсанми?
— Албатта, лекин у сен ҳақингда бунақа нарсани назарда тутгани йўқ...
— Мен нимани назарда тутганини яхши биламан.
— Сен йўқ нарсага ёпишиб олдинг, Вудс. Сенга йўқ нарса бор бўлиб туюляпти.
— Шундай бўлишиям мумкин. — У бир сонияга жим қолди. Кейин хўрсинди. — Сен ҳам менга ўхшаб ҳис қилишингни унутмабман, албатта. Бу йиллар давомида сен тақдир иродасига кўра — ўз ихтиёринг билан Бэркхардтнинг қўлига тушиш учун менинг отамга ўхшаган ота қўл остида бўлганинг йўқ. Менга энг алам қиладиган жойи шунда. Кесслер буни осонгина илғаб олди.
— Тасодифан, — деди аёл.
— Қандай бўлганда ҳам у аниқ ва қаттиқ зарба берди.
— Сен бўлсанг бир нарса чақиб олгандек сакраб, телефон гўшагини олдингда Макни бўшатиб юбординг. Мен эсам, банкирлар ўта сабр-тоқатли бўлишади, ҳар қандай ишни шошилмай бажаришади деб ўйлагандим.
— Нима учун Макнинг жиловини қўйиб юборганимни бирдан англаб қолдим. Биласанми, унинг ишлари учун ҳам масъуллигимни ҳис қилмаганман.
Палмер уни чорраҳа томон бошлади ва улар Бешинчи авеньюни кесиб ўтдилар. Улар энди чорраҳа бурчагида туришар, Виржиния у қайси томонга бошлашини кутар, Палмер эса бир жойда туриб қолганларини англамасди.
— Бэркхардт уни ёллаганди. Йўлбарснинг думидан ушлаб олганини сезиб қолиб, қўрқиб кетди-ю, унга қарши ваҳший ҳайвон сифатида мени ёллади. Мен ўзимни асосий хусусиятларимни англаб етганимдан кейин Бэркхардт қачонлардир отам мени ҳайратга солгани каби ҳайратлантира бошлади. Менимча, айни шу аснода Бернснинг икки ёқлама ўйинини кузатиб, яширинча қувонч ҳис қилдим. Кесслер ҳақ. Менга, аслида фарқи йўқ эди.
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир нимагадир бунга шахсий ишимдек муносабатда бўла бошладим. Мени тўғри тушунмасалар, тоқат қилолмайман. Бу нафсониятимга тегади. Айниқса, Макиавеллига ўхшаган ливанлик пасткаш Бернслар қадримга етмагани нафсониятимга тегади.
— Лақма фотомухбирнинг тасодифий фикрлари кўзингни очганига ишонгим келмайди, — деди аёл.
— Бироқ, айнан ана шундай бўлди.
— Йўқ, ҳечам бундай эмас, — аёл қовоғини солиб, йўлак четидан юриб кетди ва ўтиб кетаётган таксини тўхтатди. — Ўтир.
— Машина гавжум йўл ҳаракати оралаб шимоли-шарқ йўналиши бўйлаб, Бернснинг уйи томонга аста юриб кетди.
— Аслида сени занжирдаги итдек тутиб турган бемаъни ҳалол ўйинга иштиёқинг туфайли Бернсга яна бир имкон беришга қарор қилдинг. Шунинг учун сен унинг тузатиш тўғрисида ёлғон сафсатасига лаққа тушдинг.
— Қандай бемаънилик!
— Тўғри айтасан, лекин сен айнан шундай қилдинг. Сен аллақачон ўзинг билган нарсани тан олишни хоҳламадинг. Одамларнинг ҳалоллиги ҳақидаги хасга ўхшаган содда тасаввурга маҳкам ёпишиб олдинг.
— Ҳм.
— Сен ўжарлик билан ҳеч қайси одам Мак Бернсга ўхшаб маккор бўла олмайди деб ўйладинг. Лекин мен сенга айтяпман, Вудс, бу шаҳарда Мак Бернслар тўлиб ётибди. Дунёда ҳам. Ва ниҳоят, ҳозир сен буни тушуниб етдинг. Жаҳлинг чиқаётганига сабаб шу.
— Мен бироз тинчландим, — у кулимсираганича, аёлнинг қўлини ушлади.
— Кўчада ўзингни жуда ғалати тутдинг, — унинг қўлини олиб жилмайди Виржиния. — Йўлбарснинг думидан тутиб турганинг ҳақида гапирдинг.
— Бу кулгилими?
— Фожиа аралаш кулги. Вудс, сен Таммани сиёсат бозорлари чангалзор¬ларидаги йўлбарснинг думидан ушлаб турибсан. Бундай йўлбарсдан қисқагина телефон қўнғироғи воситасида қутулиб кета олмайсан.
— Бернс ишдан бўшади. У буни яхши тушунади.
— Демак, азизам, сен йўлбарсларнинг нимага қодирлигини билмас экансан.


Эллик тўртинчи боб

Кундуз соат бирда қиш қуёшининг қия нурлари Бернс жойлашган меҳмонхонадаги қалин оқ гиламга тушди. Қуёш гиламнинг Виржиния ётган жойдаги қордек оппоқ тукларини қиздирди ва унда гўё аксланиб, хонани нурга тўлдириб юборди. Кўзлари бироз қамашган Палмер ўрнидан туриб, бар ёнига борди. Унинг яланғоч бадани қуёш ҳароратини туя бошлади. У илгари сира ҳам қуёшнинг ёрқин жилосидан жисмонан лаззатланмаганди. Қуёш нури танасидаги ҳар бир томир, ҳар бир ҳужайрага кириб бораётганга ўхшарди. Жисмоний лаззат унга шунчалик ҳайратланарли куч ва тиниқлик бахш этдики, гўё қайтадан туғилгандай бўлди. У иккита стаканга озгинадан виски қуйди ва иккаласини ҳам Виржинияга олиб келди.
— Музи йўқ-ку? — аёл унга қараб минғирлади.
— Эриндим.
Қўлларини ёйганича чалқанча ётган аёл ўта енгил ҳаракат билан ёнбошига ағдарилди-ю, Палмернинг оёғидан қаттиқ тишлаб олди. У сесканиб кетди. Виски аёлнинг кўксига сачради.
— Совуқ экан! — чийиллади аёл. — Сен кимсан — айтайми? Қари хотинбозсан!
У стаканни бироз қийшайтирди. Аёлнинг қорнига яна бир неча томчи виски томди.
— Ярамас, — минғирлади аёл. — Зўр вискини бекорга исроф қиляпсан.
У аёлнинг ёнига тиз чўкди.
— Кел, вискини бекорга исроф қилмайлик.
Эшикка солинган калит овозини иккаласи баробар эшитишди.
Палмер ўрнидан турди. Уни ҳам зудлик билан турғизди. Улар ётоқхона эшигига отилишди. “Кийимини олишга улгурди”, эътибор берди Палмер. Ва даҳлизга қараб, эшик қия очилаётганини кўрди. Ётоқхона эшигига назар ташлади. Ёпиқ. Шошилмасдан бар ёнига бориб, стаканларни қўйди. Аёл диванда буюмларидан бирини қолдирганини кўрди. Гиламда вискидан қолган кичкина доғни ҳам пайқади. Ва яна даҳлизга қаради.
— Азизим, сен банкир сифатида ёмон жойлашмагансан.
Бернснинг ингичка пастки лаблари ясама ҳайрат билан қийшайди. У ортидан эшикни ёпди. Эшик темирга ўхшаб қаттиқ тарақлаб ёпилди.
Палмер Бернснинг йўл чамадонини кираверишга қуйганини кўрди. У ўша ерда ётган конвертларга кўз ташлади. Кейин яна жилмайганча Палмерга ўгирилди.
— Нега кийинмаяпсан? Устингга бирор нарса ташлаб олмайсанми?
Палмер бар ёнига борди. Ундаги стакандан бирини олиб, шошилмасдан ичди. Кейин:
— Шаҳарга қандай қилиб шунчалик тез қайтдинг? — деб сўради қизиқиш билан.
— Могавк авиайўналишидаги самолётлардан бири билан Нью-Йорккача. Вертолётда Ғарбий ўттизинчи кўчагача. Бу ёғига таксида. Икки соатда.
— Ғаройиб замонда яшаймиз — Палмер стаканни бўшатди. — Виски ичасанми?
Аста-секин юриб, меҳмонхонани кўздан кечираётган Бернсга ўгирилди. Унинг буғдойранг сочлари қуёш нурида ялтираб турарди. У диванга энгашиб, қора сийнабандни олди ва ўлчами ҳамда фирма белгисини кўздан кечира бошлади.
— Ўттиз олти даража, — минғирлади у. — Яъни тўла. — Унинг серҳаракат оғзида “мен ҳамма билан тотув яшайман” деганга ўхшаш, хайрихоҳона табассум зуҳур бўлди. У Палмерга қаради: — Вуди, болажоним, қадди-қоматингни қандай сақлашингга энди тушуна бошлаяпман. Бир грамм ҳам ортиқча ёғ йўқ, тўғрими?
Палмер шу ерда, диван устида ётган калта иштонини олиб, кийди.
— У чиқиб кетиши учун ошхонага кириб туролмайсанми?
— Мен уни кўрмаган бўлсам ҳам, Жинни деб тахмин қилсам бўладими?
— Биринчи раунд, — Палмер майкасини кия бошлади. — Шундай экан, мен унга сийнабандини бераман.
— Қимирла. Буни, ҳм, мадад бериш дейилади.
— Ҳа. — Палмер ётоқхона эшигини тақиллатди. Эшик қия очилди . У сийнабандни узатди.
— У сен борлигингни билади, — деди у.
— Тушунарли. — Аёл эшикни ёпди.
— Чамаси, унинг жаҳли чиқди, — хушмуомалалик билан сўз қистирди Бернс. — Бироқ у кимга жаҳл қиляпти?
Палмер диванга ўтириб, шошилмай пайпоқларини кийди, камарини тақди.
Ётоқхона эшиги очилди. Виржиния иккала эркакнинг орасидан ўтиб, дераза ёнига борди. Қуёш нурига йўғрилганича, упадонини олди. Юзига синчиклаб қараб, лабларини бўяди. Сўнг эркакларга ўгирилди:
— Салом, Мак!
— Жуда зўр, — Бернс бош ирғади. — Вақтни ҳисобга олмаганимга афсусдаман.
Аёл қошларини чимирди:
— Шундайми? Ўзини босишга уриниб, чуқур хўрсинди. — Майли, идорада ишим бор. Жаноблар, кўришгунча.


Эллик бешинчи боб 

— Тўғрисини айтганда, сира ҳам боргим келмаяпти, — деди Эдис пардоз столидаги кўзгу қаршисида ўтириб, юзига бир текисда упа сураркан. Унинг юзидаги майда ажинлар чаплашган пардози остида билинмай қолди.
Шу куннинг ўзида иккинчи марта соқолини қиртишлаган Палмер ҳаммомдан чиқди. У соқоли ҳар куни олинмаса ҳам кўзга ташланмаслигини билса ҳам ўта силлиқ кўриниш истагида яна бир марта соқол олишга майл билдирди.
— Бу, ҳатто қизиқ туюлади, — унинг гапини қувватлади Палмер. — У ерда биздан бошқа ўта машҳур одамлар ҳам бўлади. Зўр таомларга бой дастурхон ҳам...
— Агар яҳудийларнинг таомларини ёқтирсанг, — лабини бўяётган Эдис ярим овозда жавоб берди.
— Истеҳзо қилаяпсанми?
Эдис хўрсинди.
— Яҳудийларга яхши муносабатда бўлган ҳолда уларнинг таомларини ёқтирмаслик мумкин. Овқатлар ҳамиша керагидан ортиқ қайнатилган бўлади, зираворлар етишмайди. Анчагина дўстларим яҳудий таомларига тоқат қилолмайди.
Палмер уни масхара қилди. Нияти Эдиснинг кайфиятини кўтариш эди.
— Бу гапларинг Бернс айтиб берган ҳазилни ёдимга туширди.
Эдис қошларини чимирди:
— Икковларинг ҳазил гаплар билан вақт ўтказаркансизларда?
— Бруклинда хитой ресторани очилди, — шошилиб гапида давом этди Палмер. — Биринчи хўрандаёқ таомномани қўлига олиб, “Авф этинг, сизларда бақлажондан тайёрланган pissa, losana, manicotti, parmigianлар бор экан! Сизлар буларни хитой таомлари деб атаяпсизларми? — деб сўрабди. Унга жавобан официант елкасини қисиб: — Нима қилайлик, яҳудийлар ҳудудидамиз-да, — деган экан.
Эдис кўзларини бўяшга ўтди.
— Бу ҳазил, — деди у бор эътиборини кўзини бўяшга қаратиб, паст, ўзиникига ўхшамаган овозда, — фақат Нью-Йоркликлар учун кулгили. Агар менинг кайфиятимни кўтармоқчи бўлсанг, овора бўласан.
— Жин урсин, сенинг яхши кайфиятингни менга нима кераги бор? — заҳарханда қилди у. — Сен қандай бўлсанг, шундайлигингча менга ёқасан.
Дастурхон ўта тўкис бўлгани боис меҳмонлар “Плаза”га оқшом соат етти яримга таклиф қилинган эдилар. Шунга қарамай, соат тўққизда келган Палмерлар залнинг ярми бўшаб қолганини кўришди. Хизматкорлар чаққонлик билан таомли тақсимчаларни қўя бошладилар. Палмер махсус кийим кийган эшик оғасига босма ҳарфларда ёзилган таклифномани узатди. У нимяшил рангдаги қалин қоғозга қараб, паст, лекин ширали овозда уларнинг исм-шарифини эълон қилди:
— Кичик Вудс Палмер жаноблари, хонимлари билан!
Эшикдан нарироқда турган бир нечта одам шу заҳоти суҳбатларини тўхтатиб, кулиб қараганича эр-хотин Палмер билан саломлашишди. Гўё буйруқ берил¬гандек, етти кишидан иборат жаз мусиқачилари шўх куй бошлаб юбордилар.
Гуруҳдан ёқимтой юзли эркак ажралиб чиқди. Палмер у билан Олбанида атиги бир марта учрашган бўлса ҳам у ҳақда анчагина гаплар эшитганди. Штат губернаторининг ёрдамчиси бўлган бу одамнинг типратикан шаклида олдирилган сийрак сочлари тепасидаги хаддан ташқари тоза ва ялтироқ тепакали аниқ кўриниб турарди. Асли касби муҳандис бўлгани учун сиёсатга келгунча у бир неча йил маҳаллий коллежда ўқитувчилик қилганди. Ҳозир ҳам унда профессорлик нутқи бор, деб ўйлади Палмер. Губернатор ёрдамчисининг кўзлари Бэркхардтникига ўхшаган мовий эди. Кўзлари тепасидаги кўндаланг чизиқли пешонаси, Палмернинг хаёлида, қувноқ сурбетлик белгиси бўлиб туюлди.
— Вудс, — деди у бир маромдаги вазмин овоз билан, — келганингиз жуда ҳам яхши бўлди.
— Губернатор, бу — менинг рафиқам Эдис.
— Жуда ҳам хурсандман, Палмер хоним. Сизга рафиқам Сай-мени  таништиришга рухсат этинг. Азизим, “Юнайтед бэнк”дан эр-хотин Палмерлар. Кичкинагина аёлнинг юзларида гўё қизини турмушга узатаётган онаникидек саросимали табассум пайдо бўлди.
— Салом, Адлер хоним, — деди Эдис. — Сиз учун, албатта, бу катта воқеа. Қанчадан-қанча ташвиш.
Адлер хоним нозик елкаларини қисди — меҳмоннинг гапида қандайдир маънода очиқдан-очиқ камситиш оҳанги бор эди. — Менинг турмушга чиқарадиган қизим кўп эмас, ахир, — деди у ва ёнида турган қиз томон ўгирилди. — Мана келин. Мим, жаноб Палмер ва Палмер хоним билан таниш. Мана бу — қизим Миранда, буниси эса-куёв.
Келиннинг кўринишидан никоҳ ёшига етган деб бўлмасди. Палмер унга қараб жилмайди ва бунга жавобан келин бўлмишнинг ғалати, ҳорғин кулимсираганини кўрди. У Адлерни қулидан эпчиллик билан тутиб, меҳмонларни бу гуруҳдан нари олиб кетди.
— Қариганда кўрган фарзандим, — деди у паст овозда.
— Нечта фарзандингиз бор? — сўради Палмер.
Улар бар томон йўналдилар.
— Иккита ўғлим, уларнинг ҳам иккитадан ўғиллари бор. Мим ҳали коллежда ўқийди. У акаларидан анча кичик.
— Демак, Миранда Пиросперонинг қизи. Сиз, эса сеҳргар экансиз-да?
Бу луқмани ютиб юбораётгандек, Адлернинг оғзи бироз қийшайди.
— Кекса сеҳргар сизга шампан виносини таклиф қилади, — деди у буфетчига им қоқиб.
— Менинг қизим ўн бир ёшда, — иккита стаканни олаётган Палмер гапини давом эттирди. — Ўғилларимнинг бири катта, иккинчиси кичкина.
— Қизингизнинг тўйи куни, менинг дўстим, — Адлер унга мулойим боқди. — Банкир бўлган кунингизга мингдан-минг раҳмат айтасиз. — У хонага кўз югуртирди. Эдис ёнида эндигина келган меҳмонлар турарди. — Тушунмадим, менинг жамғарма банкида бир неча доллар пулим қолиши учун нега у севгани билан қочиб кета қолмади экан?
Палмер кулиб юборди:
— Сиз, омонатчи сифатида жамғарма банкларини алоҳида ажратиш бўйича қонун лойиҳалари билан жуда қизиқсангиз керак?
— Бугунги қабул шарофати билан мени қизиқтирадиган пулнинг ўзи қолгани йўқ, — Адлер маъюс кулимсинади. — Мен бориб, меҳмонлар билан саломлашай. Ўзингизни ўз уйингизда юргандек билинг, — у эшик томон йўл олди. Палмер Эдиснинг ёнига бориб, унга шампан виноси узатди. Улар ёш келин-куёв шарафига қадаҳ кўтаришди.
— Бахт тилайман! — деди Эдис.
Қизнинг ёноқлари ўта оқ, кўзлари остида кўкимтир соялар пайдо бўлганди. У бош ирғади:
— Раҳмат, Палмер хоним.
Янги келганлар таништирилаётганда Палмер ва хотини нари кетишди.
— Қара-я, — деди Эдис ҳайратланиб, у шунчалик ҳаяжонланаяптики, рангида қон қолмапти. Шундай бўлса ҳам фамилиямизни эслаб қолипти.
— Сиёсат арбобнинг қизи бунақа нарсаларни унутмайди.
— Азизим, бу одамлар ҳақида менга бироз гапириб бер.
— Адлерми? У ажойиб инсон. У ўта ҳалол одам сифатида обрў қозонган. Балки, шундайдир ҳам. Ҳозир эса тўй харажатидан тамоман довдираб қолибди.
— Мак Бернс шу ердами? Негадир уни кўрмаяпман.
— Мак кечроқ келади, — башорат қилди Палмер. — Ажойиб аёл даврасида у. Бу — фирма белгиси. Ҳов ана, исми нимайди, ҳа, Қўшма штатлар сенатори.
— У қаердан?
— Ё қишлоқдан, ё марказдан. Аниғи эсимда йўқ. У билан суҳбатлашиб турган аёл губернаторнинг рафиқаси. Бундан кўринадики, жаноб олийлари ҳам шу ерда-ю, ким биландир сиёсат ҳақида фикрлашяпти, шекилли.
— Ҳозиргина кириб келган жуфт кимлар?
— Вой худойим, Эдис, сен мэримизни кимлигини билишинг керак-ку?
— Уларнинг ёнидаги баҳайбат эркак-чи? Юзи ғалати экан. Уни ҳатто ақлли деб аташ мумкин.
— У Виктор Калхейн. Азизам, сенга у ҳақда гапиргандим.
— Каттакон Вик. Ғаройиб.
— У билан танишишни хоҳлайсанми?
— Йўқ, қўяқол...
— Оҳ, анавиларни қара.
Палмер унинг нигоҳи қадалган томонга қараб, етмиш ёшлардаги эркак ва аёл шўх куйга рақс туша бошлаганини кўрди. Палмер аввалига уларнинг ҳаракатларидаги нуқсонни илғай олмади. Улар мусиқага мос оҳангда ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, ҳаракатларида қандайдир ғайритабиий ҳолатлар бор эди.
— Улар бундан тузукроқ рақс туша олмаса керак, — деди Эдис паст овозда. Кейин: — Умуман, биронтаси улардан ўзиб кета олармикин? — деди ва қўшиб қўйди: — Ана, Бэркхардтлар ҳам келишди.
Палмер улар уй эгалари билан тезгина саломлашиб, ўзларига шампан виноси қуйишганини, кейин губернаторнинг ёрдамчиси билан қадаҳ уриштириб, танишларини излаб, атрофга аланглашганини кузатиб турди. Беркхардтнинг кўзи дарҳол Палмерларга тушди ва хотинини етаклаб уларнинг ёнига келди.
— Хайрли оқшом, Эдис, Вуди.
Иккала жуфтлик бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб улгурмасларидан Бэркхардт Палмернинг тирсагидан ушлаб, уни нари тортди. Шу тарзда улар суҳбатлашаётган яна бир гуруҳга айландилар.
— Бугун қаёққа йўқолдинг, жин ургур? — сўради у.
— Бернс билан бирга эдим.
— Олбанидами?
— Шу ерда. У кундуз соат бирларда келиб, қайта-қайта кечирим сўради.
— Грекка ҳеч қачон ишонма, — Бэркхардт чуқур-чуқур нафас олди, бироқ шунда ҳам тинчланмади. — Ўзингни оқлаш учун нима дея оласан?
— Фақат бир одим илгарилаганимизу, Бернсни ўз ишончимизга олганимизни...
— Сендан айнан мана шундай аҳмоқона гапларни кутгандим, — деди Бэркхардт иложи борича Палмернинг қулоғига яқинлашиб, овозида очиқ заҳарханда сезилиб турарди. — Сен қандай чора кўрмоқчисан? Ё шу ерда, арзон шампан виносини ичиб тураверасанми?
— Сиз нима, “Болингер” олдингизми? — Палмер катта очилган кўзларини бошлиғига қадади.
— Қулоқ сол, ўғил бола, — Бэркхардтнинг овози Палмернинг нақ қулоғининг ичида янграб, мия қопқоғини кўтариб юборгандай туюлди. — Бу хароми бизни чув тушириб кетди, — маълум қилди Бэркхардт. — Уларга раҳбарлик қилишни сенга топширгандим. Ҳалигача тушуна олмайман: сен аҳмоқмисан ё алдоқчимисан? Икковидан қай бирисан?
— Сиз нима деб ўйлайсиз?
Бэркхардт ўзини бир қадам нарига олиб, қаҳрли мовий кўзларини Палмерга қадади.
— Сенга овсарлик ярашади.
— Бундай эмаслигимни яхши биласиз, — Палмер имкон қадар ҳазил оҳангида гапиришга уринди. Мен сизни бир ойдан олдинроқ огоҳлантиргандим. Сиз аҳамият бермадингиз.
— Мени унинг тузатиш ҳақидаги ғоялари ишлаб чиқилиши ҳақида огоҳлантирганларинг йўқ. Ё бу сенинг ҳам ғоянгмиди?
— Унинг ғояси эди. Мен ташвиқот қилгандим. Сиздан бошқа бирорта кўрсатма олмаганим учун, сизнинг одамингизни — Бернсни қўллайвердим.
Бэркхардтнинг кўзлари қисилиб кетди.
— Сенга умуман нафас олгин деб буйруқ бермасам, нима бўларди, Вуди? Кўкариб, ўлиб қоласанми?
Палмер дўстона жилмайди.
— Ёлғиз йўлбошчининг одатдаги касали, Лэйн. Агар ҳокимиятни топширишга ўзингизни мажбурлай олганингизда бу боши берк кўчага кириб қолмаган бўлардингиз. Бироқ ҳозир анча кеч бўлди деб қўрқаман.
— Ана шу-да, жин урсин, — ғижинди Бэркхардт.
— Умид қиламанки, сиз ҳақсиз.
— Мен бошидан нима қилишим керак бўлса, ана шундан бошламоқчиман. Кичик қора чамадонни яп-янги “кўки” билан тўлдираман, Олбанига бориб, айёрлик билан менга нима сотиб олишга интилган бўлсаларингиз, ўшаларнинг ҳаммасини сотиб оламан. Айёрликнинг бас қилинглар! Нақд пул билан тўлаш вақти келди.
— Суҳбат мавзусини ўзгартириш вақти ҳам етти, — жавоб берди Палмер. — Биз томонга Мадигал келаяпти.
Улар баробарига ўзлари томон келаётган эллик беш ёшлардаги йигит — гавдали эркакка қарашди. У “Меррей хил” жамғарма банкининг раҳбарларидан бири Жим Мадигал эди. Эндиликда зал жуда тез тўлиб бораётгани учун Мадигал қийинчилик билан йўл очиб, улар томон яқинлашарди. У оғзини катта очиб, жилмайди.
— Сизларнинг бу ердаликларингни билмаган эдим, — деди Мадигал уларнинг қўлини қисиб. — Мен губернатор билан лақиллашиб, агар келган бўлсаларинг, сизлар ҳам унга ҳурматларингни билдирасизлар-да, деб ўйлабман.
— Кейинроқ, — шанғиллади Бэркхардт. — Жин ургур, Жим, кўринишинг мунча бесўнақай? Семираяпсанми?
Мадигал янаям қувноқ жилмайиб, Бэркхардтнинг текис қорнига шапатилади.
— Қари Темир Қорин. Сиз қачон истеъфога чиқиб, ҳаётдан лаззат оласиз?
— Қачон сиз, гадойларга ўхшаб бўш қутиларни силкитишни қўйиб, янги бўлинмалар очишни сўрашдан тўхтаганларингдан кейин.
Палмер Мадигалнинг жилмайишига жилмайиш билан жавоб бериб, бу гуруҳдан ажралиш учун уларга ёнламасига туриб олди. У Эдис ва Бэркхардт хоним билан суҳбатлашишим керак деган баҳонада эркаклардан нари кетди. Муруввати буралган қўғирчоққа ўхшаган иккала қария энди бошқа мусиқага рақс тушишарди. Уларга бир нечта ёшроқ жуфтлар қўшилишган. Рақслардан илҳомланган мусиқачилар тун бўйи мусиқа чалмоқчига ўхшардилар. Палмер кўп сонли меҳмонларни эҳтиёткорлик билан оралаб борар экан, улар гапираётган гапларнинг узуқ-юлуқ бўлакларини эшитиб, англаш учун бор диққатини жамлади.
— ... Бунинг ўрнига жиндай виски ичасизми?
Палмер ўгирилиб, бу савол билан ўзига мурожаат қилаётган Вик Калхэйнни кўрди.
— Сиз виски ичасизми, Вик?
— Шампан виноси оёқдан олади.
Палмер бош ирғади:
— Сизга ўхшаган ишбилармон одамнинг оёғидан оладиган нарса бўлиши мумкинлигини ўйламаган эканман.
Калхэйн аста жилмайиб, қорнини ичига тортганича, дароз қаддини ростлади.
— Мак айтдики, сиз уни тушиб қолган оғир аҳволдан чиқариб олар экансиз. Бу ҳам оёқдан оладиган иш.
Палмер қадаҳларни кўтарганича, одамлар орасидан аста-секин Эдис томонга сурила бошлади.
— ... фақат кейинги ойда тамом бўлади, қулоғигача қарзга ботган. Ижарага беришдан олдин анчагина қисмини нақд тўлашга тўғри келади.
— Ҳозир ижара баҳоси қанча? У шунақангги қийин аҳволдаки, мен...
— “Т-Бэрд” ҳавони тозаловчи мослама ва шинам бари билан. Мен дедимки...
— акцияларни тўрт яримдан майдалатибди...
—... аҳмоқ, ғирт аҳмоқ...
— Ма, ол азизам, — Палмер қадаҳдаги винони Эдисга узатди. — Бэркхардт хоним қани?
— Шу атрофда. Мен... билан шундай маза қилиб суҳбатлашдимки.
— ... қирқ учта кредит билети, улардан бирортаси ҳам бўлмайди...
— Ундай бўлса, мен виносини ичиб қўяман, — деди Палмер.
— Вискидан кейин-а?
— Бу бугунги оқшомда мен ичадиган охирги ичимлик бўлади, — таъкидлади Палмер.
— Нима бўлганда ҳам бу сени охирги марта барнинг олдига бориб, қайтишинг бўлади. Илгари ҳеч шунчалик тала-тўп бўлганини кўрганмисан? Бу одамлар...
Кимдир каттакон ноғорага урилиб кетди. Уриб чалинадиган лаппаклар жаранглади. Мусиқачилар ўтирган жойдан даҳшатли гумбурлаш эшитилди. Ҳамма бирдан мусиқачилар томонга ўгирилди. Залга тўлиқ жимлик чўкди. Айни шу пайтда эшик томонда ҳаракат бошланди. Палмер ўша ёққа қараб, залга кириб келаётган Мак Бернсга кўзи тушди. Унинг ёнида қизил ипак кўйлак кийган Виржиния Клэри келарди. У Макни қўлтиқлаб олганди.
— Нимани назарда тутганингни тушуна олмаяпман, — деди Эдис шивирлаб. — Ўз вақтида келиш. Унинг ёнидаги пакана ким?
— Пакана?
— Бошқа тузукроқ ном топа олмадим. У ўзидан пастроқ бўлгани учун уни олганми?
— У менинг реклама бўлимидаги ходим.
— Ҳалиги... сенинг нутқларингни ёзадиган...
— Одатда ёзарди.
— Шунақалар ҳам банкда ишласа... — Эдис янги келаётганлар келин ва унинг акаси билан қандай сўрашаётганига қараб турди. — Замон ўзгаряпти.
— Шунда у бунақа қиёфада бўлмайди, — изоҳ берди Палмер.
— Анави Клэр хонимми? — сўради Эдис.
Бернс билан Виржиния уларни кўрмаган бўлишса ҳам Палмер турган томонга сурилиб келишарди.
— Клэри. Виржиния Клэри. Илгари “Таймс” билан “Стар”да ишлаган.
— Икковидаям-а? Наҳот шундай ёшгина аёл... — Эдис жим қолди. — Дарвоқе, у унчалик ёш эмас, тўғрими?
— Кечирасан, нима дединг?
— Узоқдан у жудаям ёш кўринганди.
— Билмадим.
— Қирқ ёшдан ошган, — деди Эдис. — Чамаси, у биз томонга келяпти.
— Бернс билан апоқ-чапоқ бўлаверма, мен у билан аччиқлашиб қолганман.
— Клэри хонимга қандай муносабатдасан?
— Ўзига ҳамроҳ танлашини қизиқиш билан кузатиб бораман.
— У хоҳлаганини танлаб олавермайдими?
— У айнан Бэрнсни танлагани сал ғалатироқ.
— Балки дон олишиб юришишар? — улар яқинлашган сайин гумонларини тинмай айтар эди Эдис.
— Худойим-ей, алоқалари йўқ! — хитоб қилди Палмер.
— Шундайлигига ишонасанми?
— Ишонмайман, — Палмер бўшашди. — Бу шунчаки, ишониб бўлмайдиган гап.
Шу пайт Виржиния уни кўрди. Унинг қўллари Бернснинг тирсагига ёпишди.
— Мен янаям ишониб бўлмайдиган нарсаларни кўрдим, — секингина деди Эдис.
Шу пайт Бернс ҳам уларни кўрди ва мафтункорона ҳайрат билан Виржинияни уларнинг олдига етаклаб келди.
— Вуди... ва менинг севимли маллагинам. Қалайсиз, азизам? — у Эдисга мурожаат қилди. Унинг жавобини кутмасданоқ: — Эдис, Палмер, Виржиния Клэри, бизнинг ишонган ходимимиз — жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мутахассис.
Эдис бир сонияга иккиланиб тургач, қўлини узатди.
— Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани биламан дея олмайман, — Виржинияга мурожаат қилди у. — Бироқ сиз ўша... Вуди учун нутқлар ёзиб берадиган даҳо бўлсангиз керак.
Виржиния унинг қўлини қисди.
— Одатда, ёзар эдим, — деди у секингина.
— Кечирасиз?
— Одатда ёзар эдим, — қаттиқроқ такрорлади Виржиния. — Энди бу лавозимдан озод қилишган.
— Вудс ўзидан ақллироқ одамларни унчалик ёқтирмайди.
— Бундайларни ким ёқтиради? — Юмшоққина қилиб сўради Бернс.
— О, бу гапингиз сиз билан жуда апоқ-чапоқ бўлмаслигим кераклигини ёдимга туширди, жаноб Бернс. Менинг эрим сиз билан аччиқлашиб қолибди. Нима гап ўтди? — сўради Эдис.
— Нима гаплигини айтгани йўқ демоқчимисиз? — Ҳамон дўстона жилмайиб сўради Бернс. Унинг ўткир бурни Палмер томонга ўгирилди.
— ... шартнома деярли менинг қўлимда эди, деди менга, — Палмернинг ёнгинасидан қандайдир эркакнинг овози келди.
— Унга қизиғи бўлмаса керак деб ўйладим, — Бернснинг гапига жавоб берди Палмер.
— Аксинча. Мен ҳамиша қизиқаман.
Виржиния Бернсга янаям ёпишиброқ олиб, қўлларига шапатилади ва:
— Сен менга нисбатан сабрлироқсан, — деб қўйди.
— Агар сиз бу икки эркак билан ишласангиз, сизнинг сабр-тоқатингиз ҳамманикидан кўпроқ экан дердим, — Эдис гап қўшди. У жим бўлиб қолди, кейин атрофга аланглади.
— Шампан виноси йўқми?
— Ҳозир мен топиб келаман, — Бернс учовини қолдириб, бир зумда нари кетди.
Палмер ўзи ва икки аёл анчадан буён жим туришганини англаб қолди. У шошилиб, англади.
— Чамаси, Мак унчалик узоққа кетмаган шекилли, — гап бошлади у. — Анави, у билан гаплашаётган икки киши ким экан?
Виржиния у кўрсатган томонга қаради.
— Қишлоқдан келган республикачилар.
— Мак демократлардан бошқа биров билан гаплашишига шубҳа қилардим, — деди Эдис.
— Ҳамма ўзи хоҳлагани билан гаплашади, — жавоб берди Виржиния. — Бу — сиёсатнинг асосий қоидаси. Суҳбатлашиш, дўстона муносабатда бўлиш. Алоқа йўлларини очиқ тутиш.
— Ажойиб қоида, ўйчанлик билан деди Эдис. — Нафақат сиёсатда.
— Биз, чамаси, бу қоидани қувватлай олмаймиз шекилли, — Эдис гапини давом эттирди. — Айтингчи, Клэри хоним, бу банкда анчадан буён ишлаяпсизми?
— Йўқ... деярли икки йилдан буён, — Виржиния Палмерга назар ташлади. — Наҳотки шунча кўп вақтдан буён ишлаётган бўлсам?
— Менинг ўзим ҳам яқинда келдим-ку? Дарров икки йил бўптими-а?
Виржиния бироз жим бўлиб қолди. Кейин: — Дарвоқе, шундай. Сезмабман ҳам, икки йил бўлибди, — деб қўйди.
Яна гап қовушмади. Палмер кўзлари билан Бернсни қидирди ва у штатнинг собиқ губернатори билан суҳбатлашаётганини кўрди.
— Умид қиламанки, жудаям ичкиларинг келмаётгандир, — деди Палмер. — Мак яна тўхтаб қолди.
— Сен уни тутиб кела қолмайсанми? Биз сени кутиб турамиз.
— Мен...
— Борақол, азизим. Биз Клэри хоним билан суҳбатлашиш учун мавзу топа оламиз.
— Унинг бир неча дақиқадан кейин қайтишига ишонаман...
— Қара, уни энди сенатор гапга солаяпти, — аёл унинг қўлига бўш қадаҳини тутқазди. — Биз ё шу ерда бўламиз ёки... — у атрофига назар ташлади. — Ёки биринчи столнинг ёнида бўламиз.
Палмер Виржиниянинг кўзларига қаради ва унда қандайдир алоҳида маъно англади.
— Мен ҳозироқ қайтаман. — у қорнида кўнглини ағдарар даражада оғриқ сезиб, нари кетди.
У Бэрнсни бар ёнида, Вик Калхэйн билан қизғин суҳбатлашаётган жойдан топди.
— Мак, — Палмер унга мурожаат қилди, — катта раҳмат!
Бернс унг секингина, сурбетларча жилмайиб, ўгирилди.
— Вуди, болагинам, жин урсин улар нима ҳақда гаплашишаркин? Хотиннинг ўта сезгир-а, шундай эмасми?
Палмер уч қадаҳ шампан виноси буюрди.
— Виржинияни бирга келишга қандай кўндирдинг?
— Шахсан ёқимтойлигим билан, сен учун бу ишда балогардон бўлаётганимни унутмагин.
Палмернинг ўзи вино ва қадаҳларни олмоқчи бўлди-ю, бироз ўйлаб, буфетчига буюрди:
— Манави қадаҳлар ва шампанли шишани официантингиз ўнг томондаги биринчи столчага олиб борсин. — У Бернсга яна бир қараб, нари кетди.
Залда одамлар шунчалик кўп эдики, айримлар бўш жой топиш илинжида эшик ёнида тик туришарди. Палмер уларнинг орасида сабр-тоқат билан кутиб турган иккита эркакни — қайсидир кичикроқ давлатнинг Бирлашган миллатлардаги вакилини таниб қолди. У ушбу оломон орасидан амаллаб улар томон йўл очиб бора бошлади...
— Эрим билан ишлаш қийин эмасми? —  кутилмаганда сўради Эдис.
— Энди... мен ундай демасдим...
— Сиз у ҳақда нима дея оласиз?
Виржиния индамади.
— Унга бўйсунувчи ходим ва раҳбарининг хотини билан суҳбатлашаётган аёл сифатида у ҳақда... менимча, ҳеч нарса демасдим...
— О, — Эдис ёқимли жилмайди ва ўгирилиб, Палмерни кўрди. — Ана, унинг ўзи ҳам. Лекин виносиз. Нима бўлди, азизим?
— Вино келтиришни официантга топширгандим.
У кичкинагина жавоҳирлар билан безатилган соатчасига қаради.
— У улгурмайди. Соат ўн бўлди.
— Умумун, мен кетмоқчиман, — Эдис Палмерга қаради. — Менимча, сен қолишинг керак.
— Шундай шекилли.
— Яхши, — Эдис ўрнидан турди.
— Машинагача кузатиб қўяман, — Палмер унинг қўлидан ушлади. — Бу тиқилинчда менга яқинроқ юр.
— Кўришгунча, Клэри хоним, сиз билан танишганимдан ўта хурсандман.
— Раҳмат, Палмер хоним. Мен ҳам жуда хурсандман.
Эдис унга бир лаҳза тикилиб қолди.
— Менимча, — хаёлчанлик билан деди у, — икковларинг ҳам жуда яхши ўйнадиларинг...


Эллик олтинчи боб

Палмер деярли ярим соатча қолиб кетди. Такси чақиришга бир неча дақиқа вақти кетди. Бироқ Эдисни машинага ўтқазиб, унга хайрли тун тилагандан кейин ҳам дарҳол залга қайтгани йўқ. Аксинча, “Плаза”нинг кенг шарқий зиналарида туриб, муздек ҳаводан шундай тўйиб симирдики, кўзларидан ёш чиқиб кетди. У тўхтаб, елкаларини тўғрилади, афтини буриштириб, ўз аксига тикилиб қолди-ю, дарҳол чеҳраси ўзгарди: йўлак хизматчиси уни кузатиб турарди.
Палмер ўқрайган нигоҳини хизматкорга тикди, у дарҳол ерга қаради. Палмер бошини чайқаб, ортига қайтди ва тантана бўлаётган зал ёнидаги кичкинагина хонага кириб ўтирди. Залдаги тартибсиз шов-шувлар яққол эшитилиб турарди.
Унинг кўз олдида ўт чақнади. Палмер бошини кўтариб, ёқилган гугурт чўпини узатиб турган официантни кўрди ва сигаретани тутатди.
— Раҳмат.
— Марҳамат, жаноб. Вино истайсизми?
Палмер оғринибгина чимирилди.
— Муз солинган виски олиб келинг.
— Хўп бўлади, жаноб, муз солинганидан...
Палмер керишди. Эдис унинг ўйнаши борлигини, у — Виржиниялигини билиши мумкинми? Агар у ҳамма нарсани тушунган бўлса, қандай чора қўллаши мумкин? Далил қидирармикин? Бу ишда Бернснинг ролини ва унинг қўлидаги маълумот ҳақида билгунча, қанча вақт ўтаркин?
Виски олиб келишди. У официантга миннатдорчилик билдириб, вискининг хўплаб ича бошлади. Муздек нордон ичимлик ақлини тиниқлаштиргандек бўлди.
Йўқ, деди у ўзига ўзи, Эдис ниманидир гумон қилиши мумкин, лекин аниқ бир гап билмайди. Бироқ ЮБТКни кузата бориб, Жет-Техни қўлга олишда қатнашганини билса, шундай бўлиши тайин, у эрига жуда кучли тазийқ ўтказилганини англайди.
Бир соат, узоғи билан икки соатда у Бернсга жавоб бериши керак. Палмер стаканни кўтарганича, залнинг эшиги ёнига борди. Рақс майдони атрофига қўйилган столларни одамлар ўраб олган, улар иштаҳа билан таомларни тушириб, идишларни бўшатишарди. Залда бир неча жуфт рақс тушарди. Уларнинг орасида аллақачон мусиқа оҳангини англамай, ўзича рақс тушаётган, ўйинни бошлаб берган қариялар ҳам бор эди.
Палмер ҳайрат билан нима учун Бернсга жавоб беришни пайсалга солаяпман, деб ўйлади. Бу жавоб қандай бўлиши икковига ҳам маълум, ахир.
Палмер қишлоқдан келган, тижорат банки занжирининг қудратли ҳалқаларидан бири бўлган бир тадбиркор банкирни кузата бошлади. У бруклинлик демократ конгрессчи ва “Меррей Хилл”даги Жим Мадигалга яқинда бўлиб ўтган қандайдир узундан узоқ воқеани куйиб-пишиб гапираётганди. Улар Палмердан бир неча қадам нарида туришар, кўринишдан гўё қадрдон ака-укаларга ўхшар эдилар. Гап тугагач, тадбиркор бўш ликопчаларни олиб, яна таом тўлдиргани кетди...
— ... Ярим кечага яқин менинг уйимга ўтгин, — Бернс Палмернинг қулоғига шивирлади.
Палмер кўзини пирпиратиб, сўради:
— Боришим шартми?
— Албатта боришингиз зарур.
— Мен шу ердаёқ сенга жавоб беришим мумкин.
— Бироқ мен сенга бу ерда кўрсатма бера олмайман, шундай эмасми?
Палмер “кўрсатма” нима бўлишини ўйлаб, индамади.
— Виржиния кўринмайдими?
— Шу атрофда. Хоҳласанг, топиб бераман.
Палмер бош чайқади:
— Ўзим топиб оламан.
— Албатта, азизим, — Бернс дўстона кулганича нари кетди.
Палмер қўлидаги вискини симирганича, қизил ипак кўйлакни қидириб, девор бўйлаб силжий бошлади.
Гўё охири йўқдек туюлган мусиқа овози бирдан тўхтади-ю, бошқа, оҳистароғи бошланди. Палмер залнинг нариги чеккасида, буфетнинг ёнида қизил кўйлакни кўрди.
У нотаниш эркак билан суҳбатлашиб турган Виржиния томонга йўл олди. Суҳбатдошлар стол атрофида айланиб, ликопларини турли таомлар билан тўлдирганча, чамаси, жиддий бир нарса ҳақида гаплашишарди. Палмер елкасига туртгач, Виржиния унга ўгирилди.
— Жаноб П...! — унинг овозида бироз кескинлик бор эди. — Мен сиз уйингизга кетдингиз деб ўйлабман. — Сид Бэрон — жамғарма банкларининг жамоатчилик билан алоқаси бўйича даҳо билан танишинг.
Палмер эркакнинг қулини қисди:
— Бугун халқ куйи чалинмоқда, Клэри хоним. Сизни таклиф этишга рухсат беринг.
Виржиния чала тўлдирилган ликопчани бироз юқори кўтарди.
— Умуман мен... овқатланмоқчи эдим...
Палмер унинг қўлидан ликопчани олиб, столга қўйди ва Виржинияни рақс майдонига етаклади. Улар бир маромдаги, вазмин куй оҳангига мослаб, айлана бошладилар.
— У сенга нима деди?
Виржиния бош чайқади:
— Арзийдиган гаплар эмас, — у Палмернинг кўзларига синчков тикилди. — Мазанг бўлмаяптими?
— Сенингча, ўзимни яхши ҳис қилишим керакми?
— Ҳа. Гапинг тўғри.
— Бунинг устига, ярим кечада Бернс билан учрашиб, унга ўз қароримни билдиришим керак. У эса менга қандайдир йўл-йўриқлар бермоқчи.
— У сени рози бўлади деб тахмин қилаяптими?
— Энг ёмон ишни қилиши учун унга имконият бердим деб ўйлайман, — Палмер бу гапларни аёлнинг қулоғига айтиш учун уни ўзига тортди. — Мен ҳамма нарсадан: ишдан бўшаб, оиламдан ажралганимдан кейин, бошқа бирор жойда кўнгилдагидек яшашимга етадиган пул билан қолганимдан сўнг қандай бўлишимни тасаввур қилиб кўрдим.
— Бирорта серқуёш оролдами?
— Шунга ўхшашроқ, — тан олди у. — Сен билан бирга.
— Ажойиб ғоя. Ишончсиз, амалга ошмайдиган...
— Кўпчилик ажойиб ғоялар ҳамиша ана шундай бўлади. — Улар бир қанча вақт мусиқага мослаб жимгина айландилар. — Нега шундай? — Ниҳоят сўради Палмер. — Нега бу ғоя ишончсиз?
— Узоқ тушунтиришга вақт сарфламасдан, лўнда қилиб айтиб қўя қолай: чунки сен ҳеч қачон бундай қила олмайсан...
Мусиқа овози тинди. Улар рақс майдони ўртасида ҳаракатсиз туриб қолдилар. Оркестр яна куй бошлади. Палмер бу мусиқага қачондир Виржиния билан рақс тушганини эслади.
— Эсингдами?
— Жим бўл, — ўйнаётган Виржиния унинг пинжига тиқилди. — Вудс, ниҳоят у гап бошлади. — Сен Бэркхардтнинг ўрнига ўтсанг, нимаси ёмон? Сен, ахир, энг юқори малакага эгасан-ку? Бу сен ЮБТК учун амалга оширмоқчи бўлиб юрган режаларингни бажариш учун имконият эмасми?
— “Мен билан бўл ва сираям қўрқма”, — Палмер такрорлади. У бироз чайқалиб кетди ва оёқлари ўзига унчалик бўйсунмаётганини пайқади.
— Вудс!
Аёл тўхтади. Палмер жим бўлди.
— Давом этавер, — деди Палмер ҳиссиз овозда.
— Шахсан мен учун ҳеч нарса йўқ, азизам, — у Бернсга тақлид қилиб, жилмайди. Ё шахсий бирор нарса борми?
Виржиния ўгирилиб, рақс майдонидан чиқиб кетди.


Эллик еттинчи боб

Палмер эллик тўққизинчи кўча бўйлаб шарқ томонга кетаётганини англади. У бу жойларга қандай келиб қолганини эслай олмасди. Апрел ойининг бошлари бўлса ҳам изғирин шамол кийимларни тешиб ўтаётгандек. У ҳатто Палмернинг қалин пальтосидан ҳам ўтиб, баданига игна санчяпти. Палмер Мэдисон-авенюдан ўтаётиб, ўйинчоқлар дўконининг ойнаси ёнида туриб қолди. У витринага қўйилган “Стен” фирмаси ишлаб чиққан кичкина милтиқ нусхасини, “Бофорс”нинг ўйинчоқ зенит замбарагини, Томпсонларнинг пулемётини, ярим автомат  “М—1” милтиғини, Люгернинг охирги моделини, Шмейссернинг тўппонча — автоматини ва бошқа ўйинчоқ қуролларни эринмасдан томоша қилди.
У қаддини ростлаб, шамолга қарши, шарқий йўналиш бўйлаб юриб кетди.
Албатта, дея мулоҳаза қиларди у Парк-авенюни кесиб ўтаркан, Виржиния мутлақо ҳақ. Унинг учун танлашга ҳеч қанақа имкон йўқ эди. Ҳар қандай имконият ҳам унга мақбул бўлаверади. Бироқ нима учун Виржиния мутлақо ҳақ бўлиши керак? Нима учун, сўради у ўзидан, ноҳақ бўлиши мумкин эмас?
Палмер “Недик” қаҳвахонасининг эшигини очиб, баланд ўриндиқлардан бирига ўтирди.
— Қора қаҳва.
Барнинг эгаси қандайдир тушунарсиз овозда жавоб берди.
Бармен ва қаҳвахонадаги ягона хўранда мулойим жилмайишди. Палмер қаҳвани олиб, бармоқларини иситиш учун идишни маҳкам ушлади. Кейин аччиқ ичимликни ича бошлади.
— ... эски таниш аёлимизни бир соатча аввал кўрдим, — бармен бояги хўрандага ҳикоя қила бошлади.
— Сени ёнингга қаҳва ичгани киргандир-да...
Палмер уларнинг қувноқ суҳбатларини тинглаганича, қаҳвасини ичиб бўлиб, пештахтага ўн цент қўйди. Кейин ўрнидан туриб, кўчага чиқди. Юзларига шамол урилди. Бироқ ичилган қайноққина қаҳва таъсирида шамол юмшаб қолгандек туюлди. У бироз тепаликка кетган йўл билан шарқ томонга юриб, Саттон Плейсга етгач, жанубга бурилди.
Мана сенга шаҳар, деб ўйлади у, одамларни қара-я. Совуққон, жоҳил одамлар.
У Эллик еттинчи кўчага етгач тўхтади ва мувозанатини сақлаш учун светофорга тирмашди. Қаҳва ичганига қарамай, боши ҳамон айланарди. Кутилмаганда узоқдан сирена овози эшитилди. Унинг овози кучая бошлади, кейин аста тинди.
Шуям шаҳарми-я. Асабий шаҳар.
Палмер гавдасини амаллаб тик тутганича, йўлда давом этди.
Бернснинг хонадони бўм-бўш эди. Палмер ичкари кириб, салгина туртинганича, хоналарни айланиб чиқди. Кейин эшикни ёпиб, пальтосини ечди ва дераза қанотларини очиб юборди. Хонага муздек ҳаво ёпирилди.
У диванга ўтириб, оёғини сиқиб турган туфлисини еча бошлади. Пайпоқчан меҳмонхонани айланиб, радиола ёнига борди. Бирорта қурилма бормикин деган ўйда унинг ичларини пайпаслаб кўрди. Эшик қулфида Бернснинг калити айланганда у ҳеч нарса билмагандек, бўш хонадаги диванда кулимсираб ўтирарди. Юзларига урилаётган совуқ ҳаво туфайли у анча ўзига келиб қолганди.
— Салом! Мана сенга кутилмаган совға, азизим, — деди Бернс.
Палмер эринибгина бошини кўтариб, Виржинияни кўрди.
Палмер улардан юз ўгирди. Бор кучини йиғиб, яна миясида чарх ура бошлаган овозларни тўхтатишга уринди. У Бернснинг жилмайишини кўриш учун айни вақтида ўгирилди.
— Кулаяпсизми, жаноб? — сўради Палмер.
— Тинчлан, Вуди. Ўзингни қулга ол. Менга фақат сенинг сўзинг керак. Агар бу сенга шунчалик қаттиқ таъсир қилса, мен сени мажбурламайман. Мен фақат... ҳмм, сен нима деб атардинг... сўзсиз ҳамкорлик, холос. Бошқача қилиб айтганда, воқеалар ўз йўли билан ривожланишига ҳалақит берма. ЮБТКга президент бўлишга рози бўл. Бу шунчалик қийинми?
— Сизлар, ҳақиқатан ҳам жуда топишибсизлар, — деди Палмер. — Клэри хоним ҳам бу гапни худди шу тарзда ифода этган эди.
— Агар у ҳам ақлли гаплар айта бошлаган бўлса, ҳеч нарса қўшимча қилолмайман, — эътироз билдирди Бернс.
— Сенинг қайноқ лабларингда ҳамон ўша табассум, — Палмер Бернс томон бир қадам юрди. Хонанинг чап томони бироз кўтарилиб, яна жойига тушди.
— Хўп, майли, Вуди, кел, қўл олишамиз, дўстгинам!
— Нима, мен кулгилиманми? — қизиқди Палмер. У энди Бернсдан атиги ярим қадамча берида турарди. У ҳатто Бернс сепган лосьоннинг ҳидини ҳам сезди.
— Ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ...
— Мен гапиряпман, — деди Палмер. — Акс ҳолда сен жилмаймасдинг.
Бернс у томон юриб, қўлини узутди:
— Вуди, ўзингни тут, кел қулингни бер.
Палмер Бернснинг қимматбаҳо тўғноғичи совуқ ялтираганини пайқади. У Макнинг мурданинг рангидек оппоқ юзларини кўздан кечирди, кейин Виржинияга қийшайиб қаради. Аёл унга қараб, қандайдир нохушликни сезди ва сал нарироққа сурилди. Эҳтиёткорлик билан гоҳ Бернсга, гоҳ Палмерга тикилди.
— Вудс, — гап бошлади аёл, — нима учун сен...
— Нима учун ҳамма менинг исмимни айтиб гап бошлайди? — сўради Палмер.
— Вуди, — гап қўшди Бернс, — тинчлан, қария. Кел, яна дўст бўламиз.
— Сен биланми? — Палмер ўзининг баланд чиққан овозидан афтини буриштирди. Унинг саволи деярли қичқириқ бўлиб янгради. У чуқур хўрсиниб, ич-ичидан титроқ ҳис қилди. — Сен билан, ифлос фитначи билан-а? — ... бошданоқ сендан латта сифатида фойдаланди...
— ... бу қизни ширин луқма сифатида тиқиштирди...
Палмер англаб бўлмайдиган нималарнидир айтиб ғўлдираётганини пайқади.
— Ўчиринглар! — ўшқирди у. Қулоғига эшитилаётган овозлар тинди. — Мак Бернс! Сасиган ариқдаги ачиган мия. Ўз касбининг арзандаси ва фахри. Охирги босқичдаги руҳий касал. Қўшмачилар қироли. Хоинлик рицари. — У чап қўлини чўзиб, бармоқлари билан Бернснинг кўксига нуқди.
У ўзини четга олиб, гўё ҳимояланмоқчи бўлгандек, қўлини кўтарди.
— Йўқ! — Палмер қичқириб юборди. Вақт гўё кескин тўхтаб қолди. Чамаси, Бернснинг қўллари мушт бўлиб тугила бошлади.
Палмер ўнг қўли таранглашаётганини пайқади. Тирсаклари орқага сурилди. Кейин қўли тепага кўтарилди, мушаклари таранглашди. Ўнг қўли олдинда айланди. Танаси ҳам қўли билан бирга ҳаракат қилди. Бернснинг кўзлари каттарди. Унинг  ўткир ияги ва қулоғи ўртасига мушт тушди.
Палмер бармоқлари теккан жойдаги суякларнинг қисирлаганини эшитди. У Бернснинг кўкимтир оқ юзини кўрди. Кейин у кўздан йўқолди...
Палмер пастга қаради. Бернс оппоқ гиламда чувалчангдек буралиб ётарди. Унинг киприклари бироз пирпираб, кейин қимирламай қолди.
Оғзининг четидан қуюқ қизил қон оқиб, аввал иягига, кейин гиламга туша бошлади.
Палмер ўзини орқага олди. Хонадаги муҳит гўё иккига бўлиниб кетди. Унга ҳаво етишмай қолди. Қийналиб нафас ола бошлади.
Ва ниҳоят у ўпкасидаги жазава тўхтаганини ва оғзи қуриб, қандайдир, аччиқ таъм билан тўлганини пайқади. Ўнг қўлининг бармоқлари карахт бўлиб қолганди.
У қулоқ солди. Хонада жимлик ҳукмрон. Ҳатто хаёлидаги овозлар ҳам тинчиб қолди. У Виржинияга қаради. Унинг кўзлари шундай катта туюлдики, гўё Палмернинг акси бу кўзларга сингиб кетди.
Палмер Бернснинг ёнига чўккалаганча, қўлини бўйни остига тиқиб, гиламдан кўтарди. Гиламда доира ясалган қон яп-янги қизил бўёққа ўхшарди. У Бернснинг бўйни терлаб кетганини сезди. Бармоқлари остидаги томир сезилар-сезилмас уриб турибди. У ўрнидан туриб, хонани яна бир марта кўздан кечирди.
Унинг нигоҳи бир неча марта Виржиниянинг юзларига тушди. У кўзларини Бернсдан олиб, Палмерга қаради.
— Унга ҳеч нарса қилмадими? Аёлнинг овози қумга санчилган белкурак товушига ўхшаб чиқди.
Палмер бош ирғади.
Виржиния унинг ёнига келди. Ўнг қўлини кўтариб, бармоқларини кўздан кечирди. Палмернинг бармоқлари ҳамон титрарди.
— Бармоқларинг қалай? — сўради Виржиния.
У бошини чайқади.
— Карахт бўлиб қолди.
— Қимирлатишга ҳаракат қил. — У ҳаракат қилди. Бармоқлари қаттиқ оғриди, лекин бу оғриққа чидаса бўларди. Лекин титроқ кучайди.
— Синмаган шекилли, — деди Виржиния. — Ичишга бирор нарса бераман.
Палмер аввалига рад этди, кейин стаканни чап қўли билан олди. Вискига бироз диққат билан қараб туриб, кейин бир неча марта хўплади. Бироқ бундан ҳам тинчланмади. Стаканни стол қиррасига қуймоқчи бўлганди, эплай олмади. Стакан гиламга тик тушиб, ичидаги суюқликнинг бир томчиси ҳам тўкилмади.
Бу ғайритабиий ҳолат Палмерни ҳайратда қолдирди. Ахир, идишдаги суюқлик тўкилиши керак-ку, шундай эмасми? У тирсакларини тиззаларига тираганича, эгилиб гўё бутун танасини чайқатаётган ички титроқни босишга уринди.
— Сен ўзингни жағи синган одамдай тута оласанми? — сўради Виржиния. — Ичишга тобинг қалай?
— Менинг жағим синган, — тан олди Бернс. У кўп йиллар тил ўрганганини унутиб, ўз шевасида, қаттиқ изтироб ичида гапирди. — Уларнинг шаҳар ташқарисидаги биринчи тоифали клубларидан, фақат оқларга аталган меҳмонхоналаридан, курортлари, мактаблари, яҳудийлар ва католиклар учун чекланган коллежларидан, лаънати ижара битимларидан, тушлик қилинадиган ва қимор ўйналадиган клублардан кўнглим айнийди.
— Гапимни эшит, — Бернс давом этди. — Сен қанчалик ақилли қиз бўлмагин, ҳали буларни билиб олишинг керак. Вик мени тентак, деб ҳисоблайди. У ҳалиям биз билан бирга бирор иш қилишим мумкин, деб ўйлайди. Бекорларни айтипти. Бизни ҳурмат қилишга, бизга бўйсунишга мажбур қиладиган битта восита бор, холос. Бу — этигимиз билан башарасига тепиш! — У кутилмаганда бақириб юборди. — Ва, сингилгинам, бунга жуда оз вақт қолди, агар сен....
— Мак, Мак, Мак! — Виржиния унинг елкасига қулини қуйиб, орқага, диван суянғичига итарди. — Илтимос, жим бўл.
Бернс шу заҳоти ўрнидан сакраб туриб, эҳтиёткорлик билан жағини пайпаслади.
— Агар сен Нью-Йоркдаги бизга тегишли нарсалар бир тунда ихтиёримизга ўтиб қолган деб ўйласанг, тентак бўласан, — у Виржинияга мурожаат қилди. — Биз уларни қонимиз билан қўлга киритганмиз. Ҳар бир қаричини. Бизни бир-биримизга — итальянларни ирландларга, яҳудийларни негрларга, пуэрто-риколикларга гижгижламаган, деб ўйламагин. Бироқ биз энди уни қўлга киритдик. — Палмер Бернс қўлини юқори кўтариб, мушт қилганини кўрди.
— Биз уни қулга олдик. Протестантлар бу шаҳарни унда яшовчи одамлардан қайтариб олишолмайди. Вестчестрдаги олмиш минглик уй-жойлари, Фэрфилддаги ажойиб дала ҳовлилари, Шимолий қирғоқдаги шунга ўхшаш қимматбаҳо қўрғонларини ҳам қайтариб олишолмайди. Биз ўзимизнинг хусусий шаҳримизга эгалик қиламиз, азизгинам. Шунингдек, бошқа бир қанча шаҳарларга ҳам эгалик қиламиз. Чикагодаги истаган полякдан сўра. Сан-Франциско портидаги истаган мичмандан сўра. Жин урсин, Калифорнияда эса биз банкка ҳам эгалик қиламиз. — Бернс гўё энди кўргандек, Палмерга қиё боқди. — Хелло, Палмер, — деди у, — ютқизганларга салом.
Бир сонияга Палмер унга индамай қараб турди. Кейин кулиб юборди. Бироқ кулгиси дарҳол сўнди, чунки вазият куладиган даражада эмасди. Палмер ўнг қўли кафтини пастга қаратиб олдинга чўзди:
— Хайл Бернс!
Яқиндагина бўлиб ўтган воқеадан оппоқ оқариб кетган Бернснинг юзи бўғриқиб, қип-қизариб кетди. У ўрнидан туришга интилди, лекин яна диванга йиқилди. Башарасини тириштирганча, пешонасини ушлади.
— Ярамас, — ингради у.
Палмер ошхонага чиқди. Сочиқ топиб, унга тўрт бўлак музпарчасини ўради ва Бернснинг ёнига қайтди.
— Оғриётган жойингга қўй, — деди уни Бернсга узатиб. — Уриб юборганимдан афсусдаман. Кўп йиллардан буён биринчи марта ўзимни бошқаролмай қолдим.
— Эшитяпсанми? — сўради Бернс Виржинияга мурожаат қилиб. У музли сочиқни пешонасига қўйиб, афтини буриштирди. — У айнан нимадан афсуслана¬ётганини эшитяпсанми? Ўзини лаънати протестантчасига бошқара олмай қолганидан афсусда. Ўзи аслида кимлигини бизга билдириб қўйганидан афсусда.
— Сенинг жағинг тузалгандан кейин ҳам унинг қўли анчагача зирқираб юради, — деди Виржиния. — Тинчланиб, ҳамма нарсани унутишга ҳаракат қилсанг-чи?
Бернснинг афт-ангори ўзгарди.
— Башарамдаги ғурранинг катталиги... — унинг кўзлари олайди. — Башарам кўкариб ётибди. — У инқиллаганча музли сочиқни бўйнига сурди.
— Шунчаки, кайфиятимни кўтариш учун, — қўшилиб қўйди Палмер, — қара-чи, тишларинг бутунмикан? Оғзингдан қонкелганди.
— Қани? Қани?
Палмер гиламни кўрсатди.
— Тилингни текизиб кўр.
Бернс шошилиб ютинди. У тили билан тишларини текшириб кўраётганини Палмер сезиб турарди.
— Бугунги тунни ҳеч қачон унутмайсан, — деди Бернс жағини силаб. — Сен бу шаҳарда адойи тамом одамсан. Энди сен билан бирга иш қилишга, агар тиз чўкиб, ботинкамни яласанг ҳам, рози бўлмайман.
— Мак, илтимос, — ўтинди Виржиния. — Ўзингни қўлга ол.
Бернс бурнини тортди.
— Мен ўзимни қўлга олганман. — У ўрнидан туриб, кексаларга ўхшаб имиллаганича, ойнаванд девор ёнига борди. Деразага анча вақт тикилиб турди. Кейин музли сочиқни ушлаб турган қўлини пастга туширди. Қоматини ростлади. Деразага терс ўгирилиб, деярли текис қадамлар билан барнинг ёнига борди ва музли сочиқни ёғоч идишга ташлади. Палмерга ўгирилиб: — Яхшиси, сен кет, — деди.
Палмер ўрнидан турди.
— Мен фақат ўзимни бошқара олмай қолганим учун афсусланаман. Бироқ сени уриб роҳатландим.
— Ке, яна бир марта ур.
Палмер бош ирғади:
— Бошқа бир нарсадан ҳам роҳатландим.
— Қонимга белаганингданми?
— Сендан тўғри гапни, бор ҳақиқатни эшитиш имконига эга бўлганимдан — сендан ҳақиқатни эшитганимдан. Ва ниҳоят, айрим нарсаларга муносабатинг қандайлигини очиқ билдим.
Палмер диванга ўтириб, туфлисини кийди. Даҳлизга чиқиб, илгакдан пальтосини олди ва яна меҳмонхонага мўралади.
— Сенинг ўрнингда, — гап қотди у Бернсга. — Жет-Техдаги протестантнинг сенга ўхшаган шахс билан тузган битими қандай мажбуриятлар юклашига қизиққан бўлардим.
— Байрутлик маккор қасоскор билан, — гапга қўшилди Виржиния. — Мак, бу ҳаммаси бемаънилик. У ҳозир кетади, кейин икковларинг пиширган ош айний бошлайди. Бундай қилиш керак эмас.
— Шубҳасиз шундай бўлиши керак, — деди унга Палмер. — Бу одам энди ақл билан иш тутолмайди.
— Эшитяпсанми? — Бернс Виржинияга қараб гапирди. — Мен chutzbha демадимми? Бундан ҳам оғирроқ гап борми? Улар бизни аввалига жаҳлимизни чиқариб, жонимизни бўғзимизга келтиришади, кейин аҳмоқликда айблашади.
— Мак, — гап бошлади Палмер. — Мен охирги икки юз йилни тарихдан ўчириб юбора олмайман. Бироқ мени жиноятга шерикликда айблаб бўлмайди. Шунингдек, мен ўз ҳийлаларингни протестантларга ағдариб, айюҳаннос солишингга ҳам йўл қўймайман. Сен қилмишингга яраша мушт единг. Мен фақат ўзимни идора қилолмай, сени уриб юборганимдан афсусдаман.
— Кет. Йўқол.
— Виржиния, уйингизга олиб бориб қўйишга рухсат беринг.
— Кимни, меними? Йўлдан адашган Мария Магдалинани-я? Уюшган фоҳишабозликка реклама бўлими қўшган ҳиссасини-я?
Палмер бир неча сония унга таънаомуз боқиб, кейин эшикка бурилди.
— Сизларга америкалик фуқаро ўзининг иккита ҳамюртига мурожаат қилгандек гапиряпман, — эълон қилди у, — иккалангни ҳам жин урсин!
— Вудс!
У яна бир бор қайрилиб қаради.
— Олиб бориб қўйишимни хоҳлайсизми йўқми?
— Мен бу ерда бироз қолиб, манави йигитни тинчлантиришга ҳаракат қиламан.
У яна эшик томон ўгирилиб, иккиланганича, тўхтаб қолди. Унинг онгида қандайдир узуқ-юлуқ жумлалар гоҳ ҳақиқатга, гоҳ рўёга ўхшаб айлана бошлади. Ҳақиқатан ҳам у Виржиниядан шубҳа қилганмиди? Қандай қилиб ундан шубҳа қилиши мумкин? У ким томонда эди? Умуман бирон-бир томон бўлганмиди? Ё бу одатдаги, қайта-қайта унинг оёғига ёпишаётган, доира бўйлаб айланаётган балчиқмиди?
— Мен яна баъзи бир нарсалардан афсусдаман, — деди у Виржинияга қарамасдан. — Айтиб ўтган фикрларимдан афсусдаман. Умуман, менимча, мен пушаймонман.


Эллик саккизинчи боб

Такси ҳайдовчиси машинани бор кучи билан Учинчи авеню бўйлаб тепага ҳайдади. У қоидага бўйсуниб юришга тоқати етмай, машинани катта тезликда ҳайдаб борар, светофорнинг қизил чироғи ёнганда эса кескин тормоз босарди.
Палмер ҳайдовчининг ҳар гал қизил чироққа тушиб қолишига, ундан чиқиб олиш учун салгина бўлсада тезликни ўзгартирмаётганига ҳайрон бўлиб борарди. У бу фикрини ҳайдовчига айтмоқчи бўлди-ю, жим кетишни маъқул кўрди. Палмер таксидан тушиб, олд томонига бетондан нозик ишлов берилган уй эшигини очди. У эшик тутқичини шунчалик секин босдики, у атиги бир неча  сантиметрча очилди, холос.
Палмер иродасини қўлга олишга тиришди ва куч билан тутқични босиб, эшикни катта очди. Бармоқ бўғинлари зирқираб, аста ичкари кирди, секингина эшикни ёпиб, совуқ ҳаводан иссиққина уйга кирганидан севинди...
Ошхона эшигини ёпиб, хона чироғини ёқди ва дуч келган ёғоч ўриндиққа бемажол чўкди. Қимирлашга ҳам мажоли қолмаганди. Зинадан чиқаётганда боши айланганини эслади.
Ниҳоят у совутқични очиб, бир стакан сут қуйишга куч топди. Сутни ича туриб, эшик ортида нимадир ҳаракатланаётганини сезди. Юраги музлаб, Эдис уйғонганини ва халатини кияётганини ҳис қилди. Ва шу заҳоти ошхона эшиги ланг очилди.
Эдиснинг юз-кўзида пардоз излари қолмаган эди. Феруза рангли кенггина тасма билан сочлари юқорига тортиб боғланган. Бунинг сабаби Палмерга маълум. Унинг юзига суриладиган, қандайдир озиқлантирувчи кремга сочлари ёпишиб қолмаслиги учун шундай қилишга одатланган.
Эдис бир муддат оч жигаранг кўзларини қисиб, Палмерга ифодасиз қараб турди. Кейин стол ёнига бориб, стакандаги сут ёнига қўйилган туфлини олди ва полга қўйди.
— Вудининг бу одатини йўқ қилиш учун бор-йўғи ўн йил керак бўлди, — гап бошлади у. — Ўйлайманки, сен ҳам ўзгариши қийин одамсан. — У бироз жим қолди. — башарангга қараб бўлмайди.
— Ўзимни ёмон ҳис қилаяпман.
— Виски ва шампан виносиданми?
— Сотқинликдан ҳм.
У чимирилди:
— Сотқинликдан?... Мак Бернсми?
— Сен ўта сезгирсан. Лекин бу билан мени ҳайратда қолдирасан дея олмайман. — Палмер сутли стаканни олди. — У кўпдан бери, ҳатто мен бу ерга келмасимдан аввал ҳам Жет-Техга хизмат қилган.
— Қўлингга нима қилди? — сўради у.
Палмер қовоғини солди.
— Нима қипти?
— Вудс, нега сўраётганимни билиб турибсан. Ўнг қўлингга нима қилди? Бўғинлари қизариб, шишиб кетибди.
Палмер ҳорғинлик билан елкасини қисди:
— Мен уни уриб юбордим.
— Бэркхардтними?
— Бэркхардтни? — Палмер унга синчков тикилди: — Жин урсин, бу гапни қаердан олдинг?
— Ана шу илоннинг инига сени айнан ўша тиқиштирди, — деди аёл. — Ҳа-а, тушундим. Сен нишонни нотўғри олгансан. Бернсни.
У тилини айлантиришга ҳам ҳоли келмаётганди. Шунинг учун бироз жим турди. Кейин:
— Бўлиши мумкин, — деб қўйди.
— Демак, жамғарма банкларига қарши ватанпарварлик руҳидаги кураш бошданоқ сохта бўлган.
— Ундай эмас. Шунчаки, Жет-Тех уларга қўшимча куч ташлади.
— Гапингни қара-ю! Ярим кечагача ўтказилган йиғилишлар, штатнинг ҳамма қишлоқларида ўтказган кўнгилочар саёҳатларинг, кеча-ю кундуз уйда бўлмасликларинг... ҳаммаси бир пул бўпти-да?
У бошини кўтариб, Эдисга қаради.
— Эдис. — У жим бўлди. — Эшит. — Унинг қўли қандайдир тушуниксиз ҳаракат қилиб, яна тиззасига тушди. — Мен Нью-Йоркка келганимда ўйин бошланган, карталар тарқатилган эди.
— Тушунаман. — Аёл унинг қўлидан бўш стаканни олиб, стол устига қўйди. — Сен жамғарма банклар ўйинини кўзда тутяпсанми? Уларнинг картасиними?
У жимгина бош ирғади.
— Бироқ, чамаси, яна битта ўйин олиб борилган, — гапда давом этди Эдис. — Сен... — У жим бўлиб қолди.
— Ҳа?
— Ҳеч нарса. — Аёл унинг қаршисига ўтирди. — Умуман, ... га қалайсан? — Аёл гапни кескин тўхтатди.
— Нимани сўраяпсан?
Эдис бошини силкиди.
— Аҳамияти йўқ. Бошқа пайтда...
Палмер аёл ўзига синчковлик билан тикилиб турганини пайқади. У гўё тузукроқ кўриб олсин дегандек, қаддини ростлади. Бироқ бундай ўтиришга қурби етмади. У қимирлашга ҳоли келмаётган бўлса ҳам ухлайдиган аҳволда эмаслигини билиб турарди. Мана шундай ҳаракатсиз ўтириб, ниманидир кутиш керак бўлса, у жон деб ўтираверарди. Лекин нимани кутаяпти? Палмер тушуна олмасди.
— Ҳаммасиниям аҳамияти йўқ, — Эдис ўзига-ўзи гапираётгандек, ўйчанлик билан секин сўз бошлади. — Битта нарсадан ташқари. Энди нима қилмоқчисан?
Палмер елкасини қисишга уринди. Енгиб бўлмайдиган ҳафсаласизлик ҳаракат қилишга қўймади.
— Таъзим қилиб, кетворайми? — мужмал жавоб берди у. — Катта шаҳар мени бир четга чиқариб мажақлаб юборганини тан олайми?
— Агар сен банкдан кетсанг, оиламиз нима қилади? Нью-Йоркни ташлаб кетамизми? Бу уйни тарк этамизми?
Палмер кўзларини юмди.
— Ҳозирча ўйлаганим йўқ.
— Бироқ бу аниқ равшан-ку?
Унинг кескин овозидан Палмер кўзини очишга мажбур бўлди.
— Сенга нима бўлди? Мазанг қочяптими? — сўради хотини.
— Шунчаки... кутилмаганда вазнсизлик ҳолатини ҳис қилдим... — у хижолат ичида кулиб юборди ва шу заҳоти Гейнц Гауссни эслади. — Қулоқ сол, — деб гап бошлади у.
— Ҳа?
— Гап шундаки... — У яна жим бўлиб қолди.
— Нимада?
— Ҳозир мана шу тортишувга қарши бўлган дўстимни эсладим.
— Вудс, жин урсин, нима ҳақида гапиряпсан?
— Энг янги қонунни очган Гаусс ҳақида.
Эдис ўрнидан туриб, сут юқи стаканни чиғаноқ тепасидаги қуритгичга қўйди.
— Жудаям кеч бўлди, азизим. Яхшиси, ухлагани ётишимиз керак деб ўйлайман.
Палмер бармоқларини шиқирлатди.
— Йўқ ҳали.
Аёл ўгирилиб унга қаради:
— Сенга нима бўлди?
— Жин урсин, мана бу зўр бўлди.
— Вудс!
— Ҳа — ҳа. Мен сенга тушунтириб бераман. Бор-йўғи иккита юриш. — У кутилмаганда танасига қуйилиб келган кучдан сапчиб туриб келди, оёқяланг ҳолда ошхонага қараб юра бошлади. — биринчиси унчалик мураккаб эмас. Иккинчиси маккорона режа.
У капалакнусха бўйинбоғини юлиб олди ва тугмачасини ечди.
— Меҳрибон эгам! — Яна кулди. — Бу, балки, ҳатто иш юришиб кетар.
— Вудс, вақт ярим тундан оғди.
У соатига қаради:
— Эрталабгача ҳеч нарса қилиб бўлмайди.
— Унда, балким ухлармиз?
У бошини қаттиқ чайқади.
— Режа тузиш учун менга кўп вақт керак. — У жим туриб қолди ва хотинига ўгирилди: — Эдис, қаҳва қайнатиб беролмайсанми?
— Шу пайтгача нега айтмадинг?
— Майли, — бидирлади у. — Албатта. Ишга кириш. Мен тушунтириб бераман.
Бутун диққат-эътибори Палмерда бўлган Эдис беихтиёр  қаҳва қайнатгични олди ва унга сув қуя бошлади.                 
— Эшитаман.
— Майли. — Палмер эшик ёнигача бориб, ортга қайтди. — Қаҳвани менинг хонамга олиб кирамиз. Ҳамма керакли маълумотлар ўша ерда, тўғрими?
— Қанақа керакли материаллар?
— “Директорларнинг маълумотномалари”, “Қуролли кучлар таъминотига раҳбарлик қилиш”. Вашингтон ҳам ана шу вақт минтақасида... Албатта. Яхши. Ажойиб. Қаҳва нима бўлди?
— У сенга жудаям зарур деб ўйламайман.
— Зарур. Ҳамма деталлар Швейцария соатидагига ўхшатиб жойига қўйилиши керак...


Эллик тўққизинчи боб

Кеч юз кўрсатадиган қиш қуёшининг дастлабки нурлари соат саккизларда жимжимадор бетон шакллар орасидан ёриб ўтди. Орадан яна бир соатлар ўтгандан кейингина ёзув столи устига бетартиб ёйилган китоб ва қоғозлардан бош кўтарган Палмер янги кун бошланганини пайқади.
Эдис эрига яна бир марта қаҳва тайёрлаб, тунги соат учда уйқуга ётди. Палмер совуқ ва бемаза қаҳвани охиригача ичиб, бармоқлари билан сочларини тараганича, стул суянчиғига ясланди. Ичкари хоналардан болаларнинг овози келарди. У стол устидаги қоғозларни йиғиштириб, уларга тикилиб қолди.
Кундузги совуқ тузган барча режаларини чиппакка чиқарадиганга ўхшарди. Палмер бўш идишдан финжонга яна озгина қаҳвани сирқитиб қуйишга уринди. Кейин икки босқичдан иборат режалари туширилган қоғозларни яна қайтадан ўқиб чиқди. Шубҳа-гумонлар ичини кемирганича ўрнидан турди ва қотиб қолган оёқлари ҳамда белини ёзиш учун турли ҳаракатлар қилиб, стол атрофида айлана бошлади. Кеча уйга қайтгандаги чарчоқ яна оёқларини сирқиратишга тушди. Кўйлаги танасига ёпишиб, енгларининг четлари кирланиб кетибди. Палмер керишмоқчи бўлди ва бор қуввати уни тарк этаётганини англади. У вақтни билиш учун қўлидаги соатга қараб, телефонда бажариладиган ишларни фақат бир соатдан кейин бошлаш мумкинлигини аниқлади. Стол ёнига ўтириб, кафтлари билан юзларини ишқалади. У Эдиснинг:
— ... ечиниб, ўринга ёт, — деган овозини зўрға эшитди.
У секин ингради. Хаёлида қумга кўмилгану қум кўзлари, ёқасидан кириб, бутун гавдасини тўлдириб қўйгандай туюлди. У қийналиб, кўзларини очди ва минғиллади:
— Соат неча бўлди?
— Ўн бўлди. Вудс, илтимос...
У ниҳоят бутунлай уйғониб, гавдасини кўтарди.
— Ярим соат вақт йўқотибман, — деб минғирлади. — Марҳаматли худойим. Кейж хонимга айтинглар, яна қаҳва қайнатсин.
— Вудс.
Ўгирилиб хотинига қаради. У ҳам атиги бир неча соат ухлаган бўлса-да, кўриниши қандайдир гинали, аммо яшнаб турарди. Кийиниб, бўяниб ҳам улгурибди. Буларнинг ҳаммаси Палмерга танасидаги ўта оғирликни яна қайта ҳис этишга мажбур қилди.
— Нима дейсан? — сўради у.
— Азизим, бугун шанба. Сен...
— Ҳечқиси йўқ. Бернс душанбагача кутиши мумкин. Мен эса кутолмайман. Илтимос, янги қаҳва бер.
— Кейинроқ бироз ухлаб оласанми?
— Албатта. Илтимос, болаларни бу ёққа киритма.
— Улардан бирортаси жонингга тегдими?
— Йўқ. Майли. Илтимос, қаҳва.
— Бир дақиқа. — У қаҳва қайнатадиган идишни олиб, чиқиб кетди.
Палмер сигарет чекди. Тутун шу лаҳзадаёқ тинкасини қуритиб, кўнглини айнитди. Бироқ шу заҳоти танасига куч қуйилаётганини ҳис қилди.” Палмер зудлик билан ишга киришди. У Жет-Технинг илмий-тадқиқот маркази жойлашган Ўрта Шарқдаги шаҳар билан шахсан телефонда гаплашиш учун буюртма берди. Тажрибахонада ҳеч ким йўқ экан. Маҳаллий маълумот хизматидагилар Гейнц Гаусснинг уй телефони рақамини тезда топа олмадилар. Кейинроқ телефончи қиз унинг рақамини шаҳар атрофидаги номерлар орасидан топди. Бир оздан кейин Гейнц Гаусснинг ўзи гўшакни кўтарди.
— Гап шундаки, — салом-аликдан кейин мақсадга ўтди Палмер. — Сиз сираям хаёлимдан кетмаяпсиз.
— Наҳотки? Мен бўлса, аллақачон унутиб юборгансиз, деб ўйлардим, дўстим.
— Балки, унутиб ҳам юборардим, — тан олди Палмер. — Агар бу лаънати ишкалликларга масъуллигим бўлмаганда...
— Қандайдир даражада, албатта, сиз ҳам жавобгарсиз. Биринчидан, мени бу ёққа сиз олиб келгансиз, шундай эмасми?
— Ҳамма гап шунда-да. — Палмер жим бўлиб қолди. У тарбия кўрмаган, қўпол йигит билан муомала қилаётганини, унга бироз яхшилик қилиб қўйса, каттагина фойда кўриши мумкинлигини хаёлидан ўтказди. Шу билан бирга Гаусс унинг асл истак-хоҳиши нималигини сезмаслиги зарур.
— Айрим нарсалар чиқиб қолди, — давом этди Палмер. — Банкда эмас. Банк доирасидан ташқаридаги одамда. У... майли, ҳозир очиғини айтадиган  пайт эмас. Мен унга сизнинг бошингизга тушган кўнгилсизликлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бироз гапириб бердим. Исмларни айтганим йўқ. Сиз учун баъзи-бир ишларни қилиш имкониятига эга бўлгани учун у гап ким ҳақида кетаётганини пайқади.
— Таваккал қилмаяпсизми?
— Эҳтиёт чораларини кўрдим. У янаям хушёр бўлади. Ҳозир исмини айтсам, дарҳол тушунасиз. Асосийси, агар сиз кетишни истасангиз, у кафолат берадики... айтмоқчиманки, ҳозирги билан тенг ёки ундан ҳам масъулиятли, эркин фаолият ва чексиз бюджетга эса жойни сиз учун кафолатлай олади.
— Сиз Вестинг ҳақида гапиряпсизми?..
— Айни босқичда мен ҳеч ким ҳақида гапираётганим йўқ. У ҳозир сизга билдирганларимни айтиб қўйишимни сўради, холос. Қалай? Бу сизда қандай таассурот қолдиради?
— Бироқ мен бошқа компаниянинг номини билмай туриб, қандай жавоб беришим мумкин?
Тоқати тоқ бўлган Палмер чуқур хўрсинди. Суҳбат жуда чўзилиб кетди, телефонни яширинча эшитиб турган бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, Палмер яна бир неча жойга қўнғироқ қилиши лозим. Ундан олдин...
— Гаусс, ҳеч ким ўзингизни кўр-кўрона боғлаб беришингизни сўраётгани йўқ. Мени ғояларимизга бўлган муносабатларингиз қизиқтиради. Унга ижобий ёндашасизми?
— Албатта, ижобий.
— Ажойиб.
— Сизнингча, мен тезроқ, а?..
— Хабарим йўқ, — Палмер унинг гапини бўлди. Гаусснинг гап оҳангида қизиқиш алангаси сезилиши билан гапни тугатиб, немиснинг ичини қиздириб, орзиқиб кутишга мажбур қилмоқчи эди у. — Сизнинг ҳозиржавоблигингиздан жуда мамнунман. Озгина ҳаракат қилсак, биз сизни озод қила оламиз. — Палмер кулди. — Шунақа гаплар.
— Бу қачон амалга ошади? Ҳафтадами? Бир ойдан кейинми? Мен билишим керак....
— Мен билган заҳотим сиз ҳам хабардор бўласиз, — ваъда қилди Палмер. — Энди эса, сиз билан хайрлашишим керак, Гаусс... У дарҳол гўшакни қўйди ва ўчаёзган сигаретини чека бошлади.
Вақт ўндан чорак дақиқа ошганди. Палмер навбатдаги шахсий суҳбатни буюрди. Бу гал янги Англиядаги шаҳар билан. Бу гал ҳам уй телефони рақамини қидириш муаммоси бошланди. Телефонда аёл кишининг овози эшитилди.
— Шаҳарлараро телефон генерал Хейгенни сўрайди, — эълон қилди телефончи қиз.
— У... ким уни сўраяпти, кечирасиз?
— Вудс Палмер. — жавоб берди Палмер.
— Бир сония, қараб кўраман...
Чамаси, аёл телефондан нари кетди.
Палмер Хейгенки ухлаётган экан, мен ҳам бироз мизғисам бўларди, деб ўйлади. У ҳозир неча ёшда, 58 ёки 59 ми? Кўрпада ағанаб ётадиган даражада қари эмас у.
— Алло? — гўшакдан уйқусираган овоз эшитилди.
— Генерал Хейген? — деб сўради телефончи қиз.
— Мен.
— Гапиринг, жаноб.
Палмер оғзини очишга улгурмади.
— Бу қайси Вудс Палмер? — биринчи бўлиб гап бошлади генерал.
— Сен нечтасини биласан, Эдди?
— Худойим-е, отанг вафот этганини унутибман. Қаттиқ ачиндим, Вуди.
— Бу гапга анча бўлди. Мен ҳозир Нью-Йоркдаман.
— Биламан. Мен шаҳарда бир неча марта бўлдим. Ёнингга кирай дедиму, сен ҳалол одамларнинг пулини шилиш билан ўта банддирсан, кекса омадсиз билан учрашишга вақтинг йўқдир деб ўйладим.
Палмер истеҳзоли жилмайди. Қарши таклиф у кутганидан ҳам паст эди.
— Бўлмағур гап. Қирқ минг. Ҳеч қанақа акциясиз.
Орадан ўн дақиқа ўтгач, эллик мингга келишилган ҳолда суҳбат тугади. Палмер режасини яна бир солиштириб кўрди ва тўғридан-тўғри рақам терди.
— Тим, бу — Вудс Палмер.
— Жин урсин, Паскода нима қилиб юрибсан?
— Мен Нью-Йоркдаман. Мен...
— Сен Нью-Йоркдан қўнғироқ қиляпсанми? — ҳайрон бўлди Тим.
— Уйғотиб юборган бўлсам, узр.
— Бир неча соат олдин уйғонганман, — гапини бўлди Тим. — Жуда бўлмаганда, бир неча дақиқа олдин. Эшитяпсанми? Жейнга бирор нарса бўлдими? Нима гап?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Мен яқинда у билан суҳбатлашдим. Сени қаердан топишни тушунтириб берди. Ҳаммаси жойида. Биласанми, менга баъзи бир маълумотлар керак, менинг танишларим орасида бу ишни биладиган одам фақат сенсан. Бу... Нимадан бошласам экан? Эркак киши, олим. Собиқ душман тараф фуқароси эди, ҳозир АҚШ фуқароси. Йирик ҳукумат шартномаси билан хусусий тартибда фирмага ёлланган. У ҳукумат шартномасига эга бўлган бошқа бир фирманинг таклифини қабул қилмоқчи. Унга ўз шартномаси бўйича мажбуриятларидан бошқа бирор нарса тўсқинлик қилиши мумкинми?
Симнинг иккинчи томонида бироз жимлик чўкди. Кейин:
— Буни сенга қандай даҳли бор?
— Иккала фирма ҳам биз билан ишлайди.
— Бу сабаб бўлолмайди, қария.
— Тим, мени қизиқтираётган нарса махфий ҳисобланадими? — сабрсизлик билан сўради Палмер.
— Ундай эмас. Лекин мен ҳар гал тадқиқот раҳбари бошқа жойга сакраб ўтганда хушёр тортаман.
— Сакраб ўтмайди. У битта жойда деярли ўн беш йилдан буён ишлаяпти.
— Бошқа ишга ўтишига сабаб нима?
— Пули, эркинлиги кўп.
— Мен ўйламайманки, у...
— Тим, мени у АҚШ фуқаролари каби барча ҳуқуқларга эга бўладими-йўқми — мана шу қизиқтиради, холос. Ёки бундай ҳолда уни ишлаб турган жойига михлаб қўювчи бемаъни қонун моддалари ҳам топилиб қоладими?
— Бизнинг мамлакатимиз эркин мамлакат, қария. Ҳатто унинг учун ҳам. Бироқ айтиб қўйишим керак: юқори даражадаги ҳар қандай ҳаракат Пентагон ва ҳукумат доираларида қизиқиш уйғотади. У қандайдир машиначи ёки чилангар эмас-ку?
Палмер салгина жилмайди.
— Мен умуман, кимнингдир оёғидан чалмоқчи эмасман, — ёлғон гапирди у, — бироқ у бунчалик аҳамиятга молик одам деб ҳам ўйламайман.
У соатга қаради. Телефон рақамини қидиришга кетган вақтларни ҳам ҳисоблаганда мулоқот деярли соат ўн биргача чўзилибди. У гўшакни кўтарди ва Гейнц Гауссснинг телефон рақамини терди.
— Алло?
— Гаусс, Яна Палмерман.
— Қўнғироқ қилганингиздан хурсандман. Жуда кўп гаплар айтилмай қолиб кетди.
— Бошқа ҳеч нарса қолмади. Жет-Тех билан шартномангизни бузганингиздан кейин сиз эллик минг акция билан бирга беш йилга Янги шартнома оласиз.
— Бироқ сиз ... Акциялар? Эллик минг? – немис жим бўлиб қолди. Кейин: — Қайси фирмадан? – деб сўради.
— Ҳамма гапни душанба куни, тамадди пайтида айтаман.
— Бу ±ққа келмоқчимисиз?
— Бундай қилолмайман, — Палмер тушунтира бошлади. – Бу ўта бемаънилик бўлар эди. Бундан ташқари, сиз билан бирга яна битта одам бўлади. Сизни тушунадиган одам. Нью-Йоркнинг ишбилармонлар даҳасидаги “Клуб”да тамадди қилишга қалайсиз? Сиз душанба куни эрталаб учиб, Айдл-уайлддан Уолл-стритгача вертол±тда келишингиз мумкин. Мен сизни ўша ерда кутиб оламан.
— Маарҳамат, ҳаммаси шунчалик тез юз бераяптики... Мен кўпроқ нарса билишим керак.
— Билиб оласиз. Душанба куни тамадди пайтида.
— Бироқ мен нимани баҳона қиламан, ўзимнинг...
— Қулоқ солинг, — унинг гапини кескин бўлди Палмер. – Сиз ахир, уларга ҳар бир дақиқа вақтингиз ҳақида ҳисоб бермайсиз, тў-рими?
— Албатта, йўқ. – Гаусс кутилмаганда унинг гап оҳангига ўхшаш кескинлик билан жавоб бериб, аввалги шубҳаланувчанлигини ювишга уринди. — Ҳечам ҳисоб бермайман.
— Нима бўлганда ҳам сиз билан олдиндан муҳокама қилинадиган бошқа нарса бор, — давом этди Палмер. – Бу, ҳм, ҳалиги, сиз айтган тадқиқотлар. Булар сизнинг шахсий ишингиз бўлгач, уларни бошқа жойга бемалол ўтказишингиз мумкин, шундай эмасми?
— Бироқ Палмер, сиз буни янги компания билан муҳокама қилмаган бўлсангиз керак?
— Албатта, йўқ. Ҳамма тадқиқотларингиз битимнинг ҳал қилувчи омиллари бўлади.
— Мен ҳаммасини ±зиб қўйганман, — деди Гаусс. – Булар менинг шахсий журналларим. Улар қолиб кетган тақдирда ҳам бегоналар ҳеч нарсани тушунмайдилар. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам мен ҳамма зарур маълумотларни ±ддан биламан.
— Нью-Йоркка учиб келадиган эрталабки самол±тлар жадвалини биласизми?
— Менимча, тўққизда ва ўн бирда.
— Соат тўққиздагига олинг. Бу Нью-Йорк вақти билан ўн бўлади. Айдл-уайлдга соат ўн биру ўттизда, Уол-стритга эса пешинда етиб келасиз. Мени ўша ердан топасиз.
— Дўстим, буни шунақанги жадаллик билан амалга оширишим зарурми?
— Мен ўйлайманки, — Палмер овози иложи борича дабдабали чиқмаслигига ҳаракат қилди, – ўйлайманки, сизнинг ишингизга халақит берадиган ҳар бир кун, бошқа олимлар меҳнатингизни инкор қиладиган санага айланиб қолиши мумкин.
— Жуда яхши гап, — қуруққина қилиб деди Гаусс. – Бироқ мен жуда ҳам билишни хоҳлар эдимки, бирданига менинг ишларим нима учун сизни бунчалик қизиқтириб қолди?
— Сабаби кўп. Сизнинг айрим кўнгилсизликларингизга нисбатан ўзимда масъулият ҳис қилишимни айтиб ўтдим. Бироқ мен –аразли сабаблар борлигини ҳам инкор этмайман.
— Шундай — ғаразли сабалар нима экан?
— Тамадди пайтида бизни кутиб оладиган одам менинг эски дўстим. Унинг фирмаси бир қанча муваффақиятсизликларни бошдан кечирди. Биз уларнинг банки бўлганимиз учун компания янги йўлдан бориши зарурлигини биламан. Космик аср техникаси шунчалик ривожланаяптики, бугунги омад эртанги бош оғриғи бўлиб қолиши мумкин. Улар яхшилаб бир сакрашлари жуда зарур. Мен уларга сиз керак бўласиз деб ўйладим. Битта ўқ билан иккита қу±нни отиш йўлини топдим. Ҳамма гап шу.
— Ҳмм. Тамадди пайтида учратадиган шеригингиз кимлигини фаҳмлагандай бўлаяпман.
— Келинг, шу ерда тўхтатамиз. Сиз мен учун ҳамиша зийрак одам бўлиб қоласиз.
— Фақат бир гап, — ижикилади Гаусс. – У яқинда яхши бир ҳамкоридан айрилиб қолдими?
— Бу – омадсизлик занжиридаги охирги ҳалқа, холос.
— Шундай. Демак. У менинг ҳам эски қадрдоним, nicht wahr1 ?
— Bis Montag, mein Greund. Bis Montag2 , — бидирлади Палмер.
— Тушунаман. – Гаусс бир неча сония индамади. Кейин қўшиб қўйди: — Жуда қизиқ. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, бу менга жуда ±қади деб ўйлай бошладим...
Кейин яна гўшакни олиб, генерал рақамини қайта терди. Гўшакни Хейгеннинг ўзи олди.
— Энди, яна бир гап бор. Душанба куни мен билан Нью-Йоркда тушлик қила оласизми?
— Тентак бўлдингми, Вуди? Бу ерда ишим қалашиб ±тганини биласан-ку?
— Мен айтган одам билан учрашиш учун.
— Мен уни биламан.
— У ўз ташаббуси билан тажрибалар ўтказишга рухсат берилиши ҳақида аниқ тавсиялар олиш ниятида.
— Ҳаммасини ўзинг тасдиқла, мен сени қувватлайман.
— Бу тоифадаги одамларни яхши биласан-ку! Ўзларини ҳурмат қилишади. Сенга бир марта нигоҳи тушса бўлди...
—  Менинг эски қадрдоним, менга фойдам тегаяпти деб ўйлаяпсанми. Айтайлик, ҳожатимни чиқаряпсан ҳам. Лекин вақти келиб, жонга тегишинг мумкинлигини нега ўйламаяпсан?
— Майли, Эдди. Мен шунчаки, битим бузилишини хоҳламаган эдим.
— Шундай хавф борми?
— Сен ўзингни кимошди савдосидаги ягона харидор деб ўйламасанг керак?
Хейген жим қолди.
— Нима бу, ±ниб кетадими?
— Тўппа – тўғри. – Палмер имкон қадар киноя оҳангида гапирди. – Пулли конвертни очганингда у ерда қоғоз тахламлари бўлади. Эдди, бош тортмоқчи бўлсанг, ростини айтавер. Бироқ, илтимос, бу гапни ҳозироқ айт.
— Худойим-ей, соат нечада, қаерда?
— Ўн икки-ю ўттиз. Ишбилармонлар даҳасидаги “Клуб”да.
—   Янаям четроқ жой бўлиши учун Мейси витриналарининг ±ни яхшироқмиди?
—   Ҳа дейсанми-йўқми?
—   Жин урсин. Кўришгунча.
—   Ҳозирча. – Палмер гўшакни илиб улгурмасдан бир финжон қаҳва кўтарганича, Эдис кириб келди.
—   Бир соат қаҳва тай±рладингми?
—   Шуни ҳам ичишингни хоҳламайман, Вудс. Сен ухлаб олишинг керак.
—   Ҳозир ±таман. – Палмер чуқур уф тортиб, қаҳвани хўплаб ича бошлади.



Олтмишинчи боб

Палмернинг хаёлида кейинги қирқ саккиз соат одатдагидан анча чўзилиб кетганга ўхшади. Бироқ узоқдек туюлган бу вақт давомида у ўзига сиртдан қарай олмади. Иккинчи давр шунчалик кўп қисмлардан ташкил топган эдики, ўйлаш учун фурсат ҳам қолмаганди. Палмер ишни тез битириш учун тинимсиз олға интилар, наридан-бери ухлар, вақтни ўз иш режасига мослаштиришга уринар эди. Кейинроқ, таҳлил қилиш имкони туғилганда у бу фаолликка сабаб бўлган ягона аниқ гувоҳни топиб олди: бу, асосан, шаҳарлараро телефонда сўзлашув учун 300 доллардан кўпроқ тўлов қоғози эди.
Эдиснинг қистови билан шунба куни у тушликдан кейин соат қўнғироғини оқшомги 19 га қўйиб, ухлагани ётди. Айни шу вақтда – ўрта Ғарбда соат 18 бўлганда уйғониб, Чикагога қўнғироқ қила бошлади.
У гаплашганларнинг кўпчилиги уйида ёки бошқа бирор жойда овқатланишга тайёргарлик кўришмоқда эди. Уларда Палмернинг гапларига қизиқиш уйғонарди-ю, мулоқотга вақтлари йўқ, яъни улар Палмер ўйлагинидек, осойишта руҳий ҳолатда эдилар. Улар қаёққадир шошишар, муаммоларни майда-чуйдасига муҳокама қилишни хоҳламас эдилар...
— Билл (Жек ёки Фил, биргал Жиббзи), — дерди Палмер, — эсимда. Сен ўтган йили июнь ойида Жет-Технинг акцияларини сотиб олган эдинг. Сенда акция кўпми?
Берилган жавобга қараб, гап-гапга уланар ва Палмер моҳирлик билан нишабни ўзига зарур томонга бурарди. Суҳбатдошида Жет-Тех акциялари деярли йўқ бўлса, Палмер енгил нафас олиб, уни табриклар ва эртага, биржа очилгандан кейин ёки узоғи билан сешанба куни катта кўнгилсизликлар бўлишига шама қилиб, иложи борича гапни қисқа қиларди. Агар суҳбатдошида айтилган акция кўп бўлса, Палмер фикрини очиқроқ айтарди. Яъни ҳаяжонли, беъзовта овоз билан хизмат мажбурияти бўйича бу гапни сир сақлаш лозим бўлса ҳам дўстликни юқори баҳолашини билдириб, ноаниқ, ғалати шамалар билан дўстининг кўнглига ғулғула соларди. “Мен хусусий акцияларимни душанба куни, биржа очилгандан кейин сотаман” бу галги суҳбатнинг ҳал қилувчи қисми шундай тугар, “чунки сешанба куни тушликдан кейин уларни энг арзон баҳога сотиш ҳам ушалмас орзу бўлиб қолади”, деб қўшиб қўйишни унутмасди.
Палмер шанба куни Чикаго вақти билан кеч соат ўнларда телефондаги суҳбатларини якунлади ва вақт эндигина оқшомги етти бўлган Ғарбий қирғоққа навбат етди. Кечки ўн бир яримгача бу томонга қўнғироқ қилди. Кейин яна Вашингтон штатидаги Паско меҳмонхонасига, Жейннинг аллақачон бирорта қизиқ китобини ўқиб, дам олаётган эрига қўнғироқ қилди. Бироқ меҳмонхона хизматчиси номерда ҳеч ким йўқлигини айтгач, Палмер буюртмани қол¬диришни сўради.
Тунги соат бирларда Эдис уни уйқуга ётишга кўндирди. Бироқ тонгги соат тўртда телефон қўнғироғи жиринглаши билан ўрнидан сакраб туриб, гўшакни олди.
— Йўқ, Тим, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Буюртма қолдирганим учун кечир. Бу – менинг хатоим. У ёқда соат неччи? Тунги бир?
— Вудс, бор, ётиб ухла ёки жин урсин, ҳар қанча гапинг бўлса ҳам гўшакни жойига қўй.
Ҳолдан тойган Палмернинг ҳозир бирорта саволга жавоб беришга мажоли қолмаган эди. Бироқ сирли “Уотан” сўзи охир-оқибатда бир дунё жумбоқларни келтириб чиқаради. Палмер бу саволларнинг бирортасига мажбуран жавоб бермоқчи эмас эди.
Бироқ энг муҳим иш Бернсга қўнғироқ қилиш якшанба кунига қолдирилган бўлиб, Палмер бу қўнғироқни иложи борича кечроқ, тунда қилмоқчи эди. Куннинг иккинчи ярмида анча вақтини у суҳбат ўтказиш учун турли йўлларни танлаш билан ўтказди.  Ва Ниҳоят Палмер қўнғироқ қилди. У билан суҳбатдан кўзда тутилган қаршиликлар анча камлигини сезиб, жуда мамнун бўлди.
— ... Жағингиз тузукми деб сўраш учун қўнғироқ қиляпман.
— Зўр. Шу холосми?
— Унчаликмас.
— Албатта, сиз кечирим сўраш учун қўнғироқ қилаётганингиз йўқ, — деди Бернс вазмин овозда. – Сизга ўхшаган одамлар ҳеч қачон бундай қилмайди.
— Сиз менинг “тоифам”ни анча яхши ўрганибсиз, тўғрими?
— Ҳа, албатта, — жавоб берди Бернс. – Сизнинг алоҳида исмингиз ҳам бор. Сиз – ОАП сиз.
— Ким?
— Оқтанли Англосакс. Протестант.
— Жо Лумисга ўхшаб-а?
— Бўпти, Палмер. Шуми?                 
— ОАПлар ва яна ОАПлар борлиги тўғри. Сиз уларнинг айримларига ишонасиз.
— Келинг, гапни тугатамиз.
— Қўнғироқ қилишимга сабаб, сиз туфайли хавотирдаман.
— Ховотирингиз ҳам ўринли. Эртага эрталаб мен сизни бурдалаб ташлайман.
— Мак, мени сизнинг шахсий эҳтиётсизлигингиз хавотирга солади. Менга бир фикр тинчлик бермаяпти. Сиз ҳаммани битта торозида ўлчаяпсиз.
— Нима?
— Тушунтириш шартми, Мак? Сиз ақлли  одамсиз-ку? Сиз ОАПларнинг бир гуруҳи билан яширинча, иккинчиси билан – очиқчасига битим тузиб ишлаяпсиз. Бироқ сиз ҳаммани Жет-Техга қўйдингиз, ҳаммани улар ҳисоблашиши шарт бўлмаган махфий битимга қўшиб қўйдингиз.
— Ўз ғамимни ўзим ейишимга рухсат беринг, Палмер.
— Буни сиз кўнгилдагидек қилолмайсиз. Ўзингизни бир дақиқага Лумиснинг ўрнига қўйиб кўринг. У сизда нимани кўради? Унга қандайдир фойда келтирувчи эпчил ишбилармон зарур. Ваколатингиз тугагач, сиз ким бўласиз? Уни сиз билан қанақа расмий битимлар боғлаб туради? ЮБТК эса сизни очиқчасига ёллайди. Бу – ҳаммага маълум нарса. Агар бизга ишингиз ёқмаса, сиздан ажралмоқчи бўлсак, сизга шартномада қолган муддат учун ҳақ тўлашимиз керак. Лумис-чи, у ҳам тўлайдими? Унинг сизга, аслида, “хайр” дейишдан бошқа қарзи борми?
Бернс индамади. Кейин:
— Ташвишланманг. Ўйиндан бир қадам олдинда юриш учун ақлим етади, — деди.
— Агар бирорта ақлли одам бўлса, у ҳақиқатан ҳам сиз. Бироқ, Мак, ҳозир айтмоқчи бўлганим сиз учун ўта даҳшатли бўлмаса керак. Ўйин шарти ўзгарди.
— Тушунтириброқ гапиринг.
— Ўйин ўзгарди. Аввалги, ҳаммамиз ўйнаган ўйин. Мен уни ўзгартирдим.
— Нима?
— Мен билганимча айтдим, Мак. Яна битта маслаҳат беришим мумкин:  эртага кундузи, соат учу ўттизларда Лумисга қўнғироқ қилинг.
— Нима учун?
— Унгача ҳаммаси равшан бўлади. Янги ўйинни тушунган заҳотингиз ҳеч иккиланмай, мен билан гаплашинг. Агар сиз олдиндан мўмин бола бўла олсангиз, мен ҳамиша ўйинда сизнинг ақлингиздан фойдаланаман.
— Палмер, нима деяпсиз?
— Айнан шундай, — қатъий гапирди Палмер. – Рақиб сифатида сиз ўта қимматли инсонсиз. Эртага, пешиндан кейин нима бўлганини кўрганингиздан кейин, байталингизга ҳам бир қараб қўясиз. Кейин менга қўнғироқ қилинг.
— Учу ўттизда қандай воқеа рўй беради?
— Айнан ўша пайтда эмас, шу вақт атрофида, — унинг гапини тўғрилади Палмер. Агар кўрсатилган пайтда ҳам иштиёқингиз бўлса, мени бурдалаб ташлаш учун вақт топа оласиз.
У гўшакни жойига илди.
Палмер якшанба куни ярим тунда яқин уйқуга ётиб, эрта тонг – соат бешда турди. Уйқуга тўймагани, тўхтовсиз суҳбатлар, билвосита шамалар, иш режасини қайта-қайта ўқиш, телефондаги ҳар бир суҳбатни баҳолаш ва қайта баҳолаш, оҳанг ва алоҳида урғуларни таҳлил қилиш – буларнинг ҳаммаси бошида тўхтовсиз ғужғон ўйнай бошлади. У ўриндан туриб, у ёқ-бу ёғини қоқди, кабинетига кириб, қолган ишларнинг узил-кесил режасини тузди ва уларни қоғозларга ёзиб, ҳамёнига солди. Соат олтиларда ваннага илиқ сув тўлдириб, елка ва бўйнидаги оғриқни кетказиш умидида сувга тушиб, ётди.
Соат еттида Эдис уни сув ичида ухлаб ётганини кўриб, қўрққанидан қичқириб юборди. Ваҳимали овоз Палмерни уйғотди. У чўчиб тушиб, осуда илиқ сув бағрида чор-ночор типирчилай бошлади.
— Нима дейсан, жин ургур?       
— Вудс, ақлдан озиб қолибсан. Ухлаб қолибсан-ку.
У тушунмаётгандек кўзини пирпиратди: — Соат неча бўлди?
— Етти. – Аёл уни кўздан кечира бошлади. – Кейинги пайтларда озиб кетдинг.
— Ростданми?
— Бемалол қовурғаларингни санаса бўлади.
— Ҳмм.
— Анави нима?
Палмер қорнига қараб, саросимага тушиб қолди.
— Нимайкан?
— Анави доғ. Анави ерингдаги.
У шу заҳоти Виржиния киндигининг ёнини тишлаб олганини эслади. Фавқулодда ҳайратга тушган одам каби Палмер аста-секин ўз қорнини кўздан кечирди ва доғ қандайдир иркит қора-қўнғир рангга кириб қолганини, тишланганга ўхшамаслигини кўрди.
— Палмер ўзини доғни кўрмаганга солди.
— Қанақа доғ?
— Ана. – Эдис чўзилиб, уни ушлаб кўрди. – оғрияптими?
— Манавими? – у талмовсираб доғга қаради. – Ким билсин бу нима балолигини... Кана ёки бошқа бирор нарса чаққандир-да.
— Жудаям ғалати. Семиз бўлганингда, камарингдаги тўқанинг изи дейиш мумкин эди. – У ваннахонанинг нариги томонидаги девор ёнига эгилди.
— Сен, айтган жин ургур кана қани? Уни қаерда кўрдинг? Бу ерда кана йўқ.
Палмер елкасини қисди. Илиқ сув қаттиқ чайқалди.
— Чекка қишлоқлардаги бирорта меҳмонхонададир-да.
— У ёқларга анча олдин боргансан. Кана чақса, бу доғни аллақачон кўрган бўлардинг.
— Киндигимни томоша қилишга кўп вақт ажратганим йўқ.
Эдис яна нимадир демоқчи бўлди-ю, бироз ўйланиб, сўради:
—   Нима деб ўйлайсан, тоза бўлдингми?
— Ҳа-ҳа, албатта. – У ўзини зўрлаб сувдан чиқа бошлади. Кутилмаганда мувозанатини йўқотиб, чайқалиб кетди ва шошилиб, таянч нуқта қидирди. Эдис қўлидан маҳкам ушлаб, суяб қолди.
— Ўзингни ёмон ҳис қилаяпсанми?
— Яхшиман. У ваннадан чиқиб, сочиққа ўралди.
— Сен оғир меҳнат қилдинг. У баданини сочиқ билан артаётиб бош ирғаб қўйди. Териси ўта юмшоқ эди. Илиқ сувдан кейинги салқин ҳаводан Палмернинг баданида титроқ турди.
— Эртага ўзимни жуда яхши ҳис қиламан, - деди у.
Палмер хотинига қаради ва Эдис ўта синчковлик билан кўздан кечираётганини сезди. У “нимага бунчалик қараяпсан?” дегандек, қошини чимирди. Эдис секингина бош чайқади.
— Чамамда, — секин, гўё ўзи билан гаплашаётгандек сўзлади у. — Ўзинг буни ким тишлаганини биласан...


Олтмиш биринчи боб

Бэттерн – парк Манхэттен бухтасидаги боши берк ярим оролга ёриб кирган ва ҳаттога қуёш чароғон пешин чоғида ҳам қандайдир ифлос тутунга бурканиб олганга ўхшаб кўринарди. Палмер Бедлоуз Айленд тарафдан тинимсиз эсиб турган совуқ шамолдан кўзларини аранг очиб кулранг-яшил устунга ўрнатилган Озодлик ҳайкалини зўрға илғади. Ҳайкал тутун ва газ пардаси остида арвоҳга ўхшаб гоҳ кўриниб, гоҳ ғойиб бўлиб турарди. Орадан бирор сония ўтгач, Палмернинг машинаси ҳам умумий оқимга қўшилиб кетди.
Вертолёт бекатининг кутиш майдонида ҳар томондан совуқ шамол эсиб турарди. Палмер машинадан тушиб, сигарет тутатмоқчи бўлди.
Бироқ кучли шамолда ёндиргич кучли аланга олиб, қўлини куйдирди. Уни чўнтагига солиб, вертолёт бекати деворига урилиб, чайқалиб турган тўлқинларга сигаретани улоқтирди. У мавж ураётган сувни томоша қилиб турганда баланд бир тўлқин зарб билан келиб урилди-ю, Палмернинг юз-кўзига минглаб сув зарраларини сочди. Тўлқин билан бирга оёғи остига турли хил чиқиндилар ҳам келиб тушди. Палмер Нью-Йоркнинг ўзига хос бу “совға”ларига бироз тикилиб тургач, бекатнинг нарига томонига ўтди. Умуман, ишлар ёмон кетмаяпти, деб ўйлади у кучли шамолда турганича. Биржа очилганда Жет-Тех акцияси 45 да турар эди. Биржадан маълумотлар жуда секин келар, бироқ у ўн бир яримда жадвалларни кўздан кечириш учун шаҳардаги даллоллар меҳмонхоналаридан бирида тўхтаб, битимлар сони оддий кунлардагига нисбатан анчагина кўпайганлигини кўрди: 10 000 акция сотилган, нархи эса 38 гача тушганди.
Палмернинг жилмайиши ғолибона кулгига айланди. У моҳирлик билан мақсадига эришди. Энди иш у ўйлаганчилик тўс-тўполонга етиб бормаса, ҳам, ҳатто Жо Лумис ЮБТКни назорат қилишдек беъмани фикридан қайтмаса ҳам, ҳар қалай Лумис олдида кўплаб муаммолар пайдо бўлади.
Палмер вертолётнинг бўғиқ овозини эшитди. У ўгирилиб, вертолёт ёнгинасидан учиб ўтганини, орол қирғоғи бўйлаб доира ясаб, Гудзоннинг шимолроғига, чамаси, Ўттизинчи кўчадаги бекат томон йўл олганини кўрди. Тезда иккинчиси ҳам келади, деб ўйлади Палмер. Жадвал бўйича, унинг учиб келишига икки дақиқа қолган эди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, иккинчи вертолётнинг ҳам ўзига хос гулдираги эшитилди. Палмер дарё оша Бруклин томонга кўз ташлади ва қўниш майдонига қараб бурилаётган вертолётни кўрди.
Ҳаво тўлқини Палмернинг шляпасини учириб кетаёзди. У вертолёт қўнгунча шляпасини икки қўллаб ушлаб турди. Бир-икки сония ўтмай, мотор овози тинди. Айланаётган парраклар аста тўхтади. Гейнц Гаусс вертолётдан учинчи бўлиб тушди.
Кичкинагина бу одам атрофга олазарак кўз югуртирди. Палмер Гауссни ҳеч қачон, ҳатто Пенемнондда асир олинганда ҳам бунчалик ҳаяжонлангани, ўзини гуноҳкорона тутганини кўрмаганди. Палмер қўл силкитиб, унга қараб юрди. Совуқ шамолда турган ҳолда, улар жимгина қўл қисишди.
Банкнинг “Кадиллак”и тўсиқ ортида кутиб турган эди. Палмер Гаусснинг ёнига ўтирди ва ҳайдовчига вертолёт бекатидан бир неча квартал наридаги “Клуб” манзилини берди. Машина жойидан қўзғалгач, Палмер Гауссга аста бош ирғади.
— Етиб келганингиздан хурсандман, Гарри, — деди у. – Анави тиккерлар билан ишингиз қалай?
Гаусс изтироб ичида чимирилди ва қўлларини иложсиз ёзди: — Ёмон эмас, — деди ниҳоят немисча лаҳжасини сездирмасликка уриниб.
Палмер миллати ва келиб чиқишини яшириш учун Гауссда маҳорат етишмаслигини пайқаб, ташаббусни қўлга олди: Лонг-Айлендда биттадан оилаларга мўлжалланган енгил уйларни қурилиши, капиталнинг ўртача рақами, фоизлар, шарт-шароитлар, ер участкаларини молиялаштириш кабилар ҳақида тинимсиз гапиришга тушди. Машиналар билан тирбанд кўчаларда ўн дақиқадан ортиқ йўл юриб, овқатланиш вақти етгунча “Клуб”га етиб келдилар.
— ... ва унинг капиталини савдони кенгайтириш учун озод қилади, — дея ҳамон валақлар эди Палмер. Ниҳоят у: — О, мана, етиб ҳам келдик. Шу ерда, тўхта, Жимми, — деб ҳайдовчига мурожаат қилди.
Улар роппа-роса ўн иккию ўттизда машинадан тушдилар, шошилганча, эски фойедан ўтиб, жимгина каттакон шалоғи чиққан лифтга чиқдилар. Кутиш залида Палмер хизматчига шипшиди:
— Генерал Хейгеннинг столига.
Хизматкор жилмайди ва уларни бошлаб кирди. Палмер орқада келаётган Гаусснинг тўнғиллаганини эшитди:
— Ҳа, мен ҳақ эканман.
Хейген Палмерга бош ирғади ва Гауссга мурожаат қила туриб ўрнидан қўзғалди.
— Доктор, сизни яна кўрганимдан мамнунман, — деди у ўзини катта тутиб.
Улар стол атрофига ўтирдилар. Палмер кўнглида Хейгендан мамнун бўлди. Гаусс илмий унвонини айтиб мурожаат қилишганда жуда роҳатланарди.     
—   Генерал, мен ҳам мамнунман, — жавоб берди у.
Улар ўтган кунларни хотирлашга берилдилар: Хейген Гаусснинг урушдан кейинги фаолиятини мукаммал билиши билан ҳаммани ҳайратга солди. Палмернинг эътиборини бошқа нарса жалб этди. У яқин-атрофдаги столларга разм солди. Иккита даллол уларни ошкора қизиқиш билан кузатиб турарди. У нигоҳи билан бутун хонани кезиб чиқди. Лумиснинг бурчакдаги столи бўш турар, бироқ ёнидаги столда Арчи Никос хаёл суриб, қандайдир ичимликни секин ичиб ўтирар, унинг ёнидаги столда эса икки банкир намойишкорона суҳбатлашишарди.
Палмер кулимсиради. Хейген ҳамиша бир йўла камида икки йўналишда фикрлай олиши билан ажралиб турарди. Палмер официант келаётганини кўриб, таомномани қўлига олди.
— Қовурилган қилич балиқ ейсизларми? – сўради у ўтирганлардан. Улар хотираларини сўзлашдан тўхтаб, Палмерга ўгирилишди.
— Бугун душанба, Вуди, — қуруққина жавоб берди Хейген. – Ўйлайманки, бугунги учрашувимиз тансиқ филе миньонга арзийди. Нима дедингиз, доктор?
— Албатта. Ажойиб.
— Чамаси, биз тил топишяпмиз, Вуди, — деди, кейин Гауссга қараб сўради: — Тезроқ бошлай оласизми?
Бу пайтда ресторан залига одам тўлиб кетганди. Эртароқ келганлар кетиб, улар ўрнини бошқа даллоллар ва банкирлар эгаллади. Эдди Хейген ва Жет-Технинг илмий ишлари раҳбари бирга ўтириб узоқ суҳбатлашгани ва овқатлангани ҳақидаги гап Уолл-стритда шов-шув бўлади. Энди дўстона қўл қисишиб хайрлашаётганларини ҳаммага намойиш этиб, пардани ёпиш вақти келди.
Палмер соатига кўз ташлаб, хитоб қилди: — Жин урсин, генерал, мен бу одамга ўн беш дақиқадан кейин вертолёт бекатига қўйиб келаман деб ваъда бергандим. Иложи бўлармикан?
Хейген жилмайиб, ўрнидан турди. У атайлаб қулочини шундай кенг ёздики, Палмер ҳатто қўрқиб кетди.
— Доктор, — деди Хейген қўлини немисга узатиб, — Мени нархи қизиқтирмайди. Бироқ  биринчи бўлиб қиладиган ишингиз гравитацияга қарши анави нарсангизни қуриш. Мен уни кўришим керак.   
— Албатта кўрасиз, — ваъда берди Гаусс яшнаб.
— Ўшанда битим тузамизми?
— О, албатта! – Гаусс деярли қичқириб юборди. – Албатта!
— Яна бир марта хайр, доктор, — баланд овозда хайрлашди Хейген Гаусс билан, — Сиз билан суҳбатлашиб, маза қилдим.
Бу гал Гаусс пошпаларини тақиллатиб, ҳарбийчасига честь берди. Палмер “почаси узун бўлмаганда пошнасининг тақиллаши оламни бузарди” деб ўйлади.
Улар лифтда яна жимгина пастга тушдилар.
— Менга қаранг, — Гаусс лабларини ялаганича, жим қолди. Унинг кўзлари нам эди. – Генерал иккимиз ҳақиқатан ҳам битим туздикми?
— Унинг қўл қисиши шартнома каби мажбурият касб этади. Бундан ташқари, генералнинг феълини яхши биламан, эртага, почта орқали шартноманинг бир нусхасини оласиз.
Гаусс бир зумда яшнаб кетди. Кейин яна телбаваш қиёфага кирди.
— Мен бу ҳақда Жет-Техга хабар қилишим керак, — ғўлдиради у.
— Бу масала сизни жуда ҳаяжонлантираётган бўлса, ўзингизга тегишли шартнома нусхасига имзо чекиб, генералга жўнатиб юборинг. Бир-икки кундан кейин рўйхатдан ўтказилиб, имзоланган нусхани сизга қайтариб юборади. Ҳаммаси қонуний ва расмий бўлади. Шундан кейин Жет-Техга маълум қиласиз.
— Ҳа – а, — Гаусс хотиржам бўлди. У ишчан қиёфада осмонга қаради, кейин ўгирилиб, бир неча муддат уфққа кўз тикди. Сўнг қовоғини уйиб: — Тартибсизлик, — деди. – Ҳеч қанақа мажбурият туйғуси йўқ.
Палмер елкасини қисди:
— Озгина Нью-Йоркча мафтункорлик бор, холос.
— Мен учун йўқ, — Гаусс қаддини ростлади ва жиддий қиёфада дарё томон бир неча қадам ташлади.
— Сиз ҳақсиз, — маъқуллади Палмер.
Гаусс ўгирилиб, яна уфққа қаради. Бош чайқаб: — Тушунмайман, одамлар бу ерда қандай яшар эканлар, — деб қўйди. Баланд тўлқин унинг ортидан келиб, деворга урилди. Минглаб сув заррачалари Гаусснинг ботинкаларини хўл қилди ва сув билан бирга чиққан турли қоғоз парчаларини ёпиштирди. Гаусс қўлларини чўзиб:
— Жуда маза қилдим, — деб қўйди.
Палмер унинг қўлини қисди:
— Омад тилайман.
Ҳар ким ўз бахтини ўзи яратади, — деди ва бурилиб, вертолётга чиқиб кетди...


Олтмиш иккинчи боб

Иккидан ўттиз дақиқа ўтганда Палмер Бешинчи авенюдаги ишхонасига кирди. У каттакон хона охиридаги стол ёнига ўтириб қўлига телефон гўшагини олган чоғидагина стол устидаги бир даста қоғозга кўзи тушди. Бугун эрталаб, соат саккизу эллик бешдан бошлаб ҳар соатда Бэркхардт қўнғироқ қилибди. Бир гал соат ўн бирда Жейннинг эри Тим, ўндан кейин Эдис, соат ўн икки-ю, ўн бешда эса чамаси Палмернинг кимлар билан овқатланаётганини кўрган “Стар” ҳодими Жорж Моллет йўқлабди. Соат бирда беш дақиқалик оралиқ муддат билан Бернснинг қўнғироғи рўйхатга олинибди. Шу дақиқада эса Палмернинг шахсий даллоли қўнғироқ қила бошлабди.
Палмер шаҳар билан боғловчи телефон тугмачасини босди. Даллолнинг телефони рақамини терди. Ва шу йўл билан ўртадаги суҳбатни яширинча эшитиб, бўлмайдиган қилиб қўйди.
— Пит, бу менман, — деди Палмер.
— Айни муддао,  — бўғиқ овозда жавоб берди даллол. – Ўттиз тўққиз.
— Яъни олти банд пастга, сенингча, кунинг охирида нима бўлади?
— Катта фаоллик бўлмайди. Йирик пакетлардан биронтаси ҳозиргача сотувга қўйилгани йўқ.
— Асос мустаҳкам бўлмагунча қўйилмайди ҳам, — олдиндан сезди Палмер. – Балки эртага, пешингача ўзгариш бўлар.
— Ёпилишига бир неча банд кўтарилса, ҳайрон қолмасдим.
— Биржа чайқовчиларими?
— Ҳа. Паст ҳолича тутиб туриши учун кучли босим бўлиши зарур.
— Босим берилди, — деди Палмер.
— Қачон?
— Бир соатча олдин.
— Биржада бирор аломати сезилган йўқ.
— Янгилик ҳозирча Стрит бўйича тарқалагани йўқ, аммо тезда кўрасан.
— Бу нима ўзи? — сўради даллол.
— Яхшиси, мен жим турай. Сен гапир.
— Чамаси, жадал юриш қилдикми?
— Эшитганингдан кейин менга ҳам маълум қил, — деди Палмер. — Акцияларнинг йирик пакетлари сотувга чиқса, шу заҳоти менга ҳабар бер.
— Нима деб ўйлайсан, улар яна қанча пасайиши мумкин, Вуди?
— Нима, мен даллолманми?
— Ҳа! — У томондаги одам жим бўлди.
Палмер жилмайиб ўтирарди. Кейин “Бэркхардт” деган тугмачани босди ва кута бошлади. Бир неча сония ўтиб, унда яшил чироқ ёнди.
— Эшитаман?
— Лэйн, менга қўнғироқ қилдингизми?
— Ким? Сенми, лаънати аҳмоқ! Жин ургур, қайда дайдиб юргандинг!
— Ишбилармонлар даҳасида. У ерда мен сал бўлмаса  сизни босиб олай дедим.
— Иш билармонлар даҳасида бўлганингни биламан. Сени овқатланиб ўтирганингни кўрган тўртта одам менга қўнғироқ қилди. Жин ургур, сен у ерда нега ўралашиб юрибсан?
— Ҳеч нарса. Менга ёрдам зарур эди.
— Тингла, мишиқи сурбет, мен савол бераётганимда, мен...
— Қўлингиздан бирон иш келади, деб ўйлаганимда, сизга мурожаат қилган бўлардим. — Палмер гапини шартта кесди. — Тўғрисини айтсам, сизга ишонмайман, чунки ҳамма нарсани барбод қилишингиз мумкин. Сиз сабрсиз одамсиз.
— Нима деяётганингни англаяпсанми?
Ташқи алоқа тугмачасининг яшил чироғи ёнди, интерком оҳиста гувуллади. Ёруғлик липиллаб бир маромда ёниб ўча бошлади.
— Менга яна кимдир қўнғироқ қиляпти, — мулойимлик билан деди Палмер.
— Тупурдим.
— Айтдим-ку, ўзингизни тутишни билмайсиз деб, — гапини бўлди Палмер. — Бу ҳали юмшатиб айтганим. Тинчланинг! Ҳаммаси тугагач, мен сизни уйғотаман.
— Палмер сен кичкина...
— Лэйн, кейинроқ қўнғироқ қиламан. — Палмер Бэркхардт билан гапни тўхтатиб, бошқа тугмачани босди. — Эшитаман?
— Жаноб Моллет, сэр. 
—Уланг. Жорж?
— Мендан қочиб юрибсизми?  — сўради Моллет.
— Ҳозиргина кирдим. Бошлиғим қулоғимни том битирди.
— Тушлик қандай ўтди?
— Зўр, — жавоб берди Палмер. – Сизларники-чи?
— Жудаям зўр. Қулоғингиз қизидими?
— Қизиши керакмиди?
— Айтингчи, бу эски сафдош қадрдонларнинг оддий учрашувимиди?
— Қандайдир маънода – ҳа.
— Нима? Гаусс Хейген учун ишламоқчими?
— Яхшиси, бирортасидан сўрганингиз маъқул.
— Сўрадим. Хейген жавоб бермаяпти. Гаусс шаҳарда йўқ.
— Шу ишга алоқадор давлат департаментидан билиб ола қолмайсизми?
— Масалан, айнан кимдан? – сўради репортёр.
— Жаноб Карви дегани бор. Тим Карви. У бирор нарса билиши мумкин.
— Матбуот учунми? – сўради Моллет. – У ҳеч нарсани айтмайди, шундай эмасми?
— Ҳоли-жонимга қўймасдан сўрайверасиз...
— Энг осони – сизни безовта қилиш.
— Агар Тимдан маълумот олсангиз, мен барча норасмий нарсаларни айтиб бераман, — ваъда берди Палмер. – Шунда сиз Хейгенга, Лумис ва Гауссга қанақа саволлар беришни биласиз.
— Бошқача қилиб айтганда, сиз Карви безовта бўлишини хоҳлайсиз. Ва буни бошқаларнинг қўли билан амалга оширмоқчисиз.
— Одатда “Стар”нинг мухбири бундан бошқа саволни билмайди.
— Ҳозир ҳаммасини тугатаман, — жавоб берди Моллет.
— Яхши. Кўришгунча.
Палмер яна шаҳар билан тўғридан-тўғри алоқа тугмачасини босди ва Мак Бернс телефони рақамини терди. Энди соат иккидан қирқ беш дақиқа ўтганди.
— Азизим, нима учун томирларингда Ливан қони оқаётганини менга айтмадинг?
Бернс тўнғиллади:
— Биржанинг ёпилишини кутиб ўтиролмадим. Ҳаммаси бошланганда гап нимадалигини дарҳол фаҳмладим. Мен фақат бунга қандай эришганингни билмоқчи эдим.
— Нимага эришибман?
—   Ақлдан озиш мумкин. Эшит, мен сенга дастёрдан бир нарса юбордим. Ҳар дақиқада у олдинга бориб қолиши мумкин.
—    Нима ўзи?
—   Магнитофон тасмаси. У энди сеники.
—   Миннатдорман, Мак.
—   Мен эса ҳайратдаман. Менга ҳамма томондан қўнғироқ қилишмоқда, азизим. Бугун оқшомда сенга қўнғироқ қилишимга рухсат бер. Яхшиси, кел, бирга овқатланамиз.
—   Мак, агар содиқлигингга асос бўладиган нарсани ўзгартирмоқчи бўлсанг, яхшиси вақтингни йўқотма. Мен ҳалиям ОАП ман.
—   Мени лақиллатаман деб ўйлама, азизгинам. Шундай ақлинг билан, а?
—   Ақлим қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Овқатланиш масаласида бирор нарса деёлмайман. Соат бешлар атрофида қўнғироқ қил.
—   Ажойиб. Шошилиш керак. Ҳозирча.
Палмер гўшакни қўйиб, тугмача ранги ўзгаришини кузатиб турди. Бернс биринчи қўнғироқ қилган вақтга қараганда у ҳали “клуб”даги учрашувни билмаганини англади. Бернс Жет-Технинг акциялари нархи кутилмаганда тушиб кетаётганидан хавотирга тушган, деб ўйлади Палмер. У, чамаси, ҳали Гаусс ҳақида эшитмаган.
Яна интерком гувуллади.
— Эшитаман?
— Ҳозиргина тугунча келтиришди, жаноб.
— Марҳамат қилиб, олиб киринг. Палмер Виржиния Клэрининг кабинети билан боғловчи телефон тугмасини босди.
— Шу яқин-орада магнитофон борми? – гапни лўнда қилди Палмер.— Мен... Менимча, бор.
— Айтинг, менга олиб келишсин. Ўзингиз ҳам келинг.
— Хонангиздамисиз?
— Иложи борича тезроқ, илтимос.
Соат учдан ўн дақиқа ўтганда Палмер Бернс юборган кассетани магнитофонга қўйди. У ва Виржиния тасманинг айланишига қараб туришарди. Динамикдан секингина шитирлаш эшитилди.
— Овозини баландлат, — таклиф қилди Виржиния.
Кўп ўтмай улар тасмадан ўз овозларини эшита бошладилар. Палмер тинглаб туриб, бирданига қовоғини солди. Тасмани айлантираётган мурувватни тўхтатиб, тасмага диққат билан тикилиб қолди. Бир неча дақиқа ўтиб, тасма асосий ғалтакка ўралди.
— Қизиқ, — деди Палмер. – Бирорта уланган жойи йўқ.
— Бўлиши керакмиди?
— Ҳақиқатан ҳам тасмага бир неча кеча-кундузлик гап-сўзлар ёзилган. Бернснинг хонасидаги магнитофон тасмасининг эни етти сантимертли эди. Бу эса 17 сантимертли. Демак, бу уч-тўртта кичик тасмалардан тайёрланган. Улар бир жойда бўлиши учун елимланиши керак. Бу тасмада эса уланган жой йўқ. Демак...
— Демак, бу асл нусха эмас, кўчириб ёзилгани...
Яна Клэри ўта ақллилигини кўрсатди.
— Мак буни асл нусха деб бердими? Қўлингга қандай тушди?
— Буниси сир. Асосий, асл нусха унда қолган. У мени осон ишонтираман деб ўйлаган.
— Бу эса...
— Демак, Мак ҳақидаги тахминим тўғри. У мени анойи эмаслигимни тушунмаяпти. У мени кимлар билан, қандай мақсадда тушлик қилганимни билганда эди, боши берк кўчага кириб қолганини, бунга ўхшаган сохта чоралар уни қутқара олмаслигини англаб етган бўларди.
— Вудс, нималарни гапираётганингни сира тушунганим йўқ.
— Биламан. – У магнитофондан кўзини олди. – Кечир. Мен ҳатто ўша жума  оқшомдан кейин сен билан гаплашмадим ҳам. Бу сенинг фойданг учун бўлди, тўғрими?
— Мен уйда, телефон ёнида маза қилиб ўтирдим.
— Мени кечир.
Аёл унинг нигоҳидан кўзини олиб қочди.
— Айтган гапларим учун кечирим сўрайман. Ўша кеча ўйлаганларим учун ҳам. Ундай эмаслигини биламан. Маст ҳолатдаги беъмани хаёллар.
Аёл яна бош чайқади:
— Нега шундай бўлганимни тушунишим мумкин. Лекин бугун тушлик давомида менга нима учун қўнғироқ қилмаганинг ва нима бўлаётганини айтмаганингни оқлй олмайди. Мен уйда кутиб ўчирдим, кўп миқдорда уйқу дориси ичишимга сал қолди. Сен ҳатто мен ўзимни қандай ҳис қилганимни тасаввур қилолмайсан. Алам қилгани шуки, биргина қўнғироқ дардимга даво бўлиши мумкин эди. Ўзимни мана шундай ғалата аҳволга солиб қўйдим, Вудис. Менинг ёшимдаги аёл ақллироқ бўлиши керак.
— Астойдил кечирим сўрайман, мен...
Шу захоти интерком гувуллади. Палмер Бэркхардтга уланадиган телефон тугмачаси ёнганини кўрди. У бунга эътибор бермай, магнитофондан кассетани олиб чўнтагига солди. Бир дақиқадан кейин шахсий телефонининг чироғи ёнди. У гўшакни кўтарди.
— Ярим бандгача кўтарилди, — хабар қилди Палмернинг даллоли. — Лекин 39,5 дан кейин яна кескин туша бошлади. Биржа ёпилди. Бироқ сўнгги маълумотларга қараганда Жет-Тех акцияларининг нархи янаям тушиб бормоқда. Айтишларича, ҳозир уларнинг акциялари курси 34 экан. Нима гап ўзи?
— Нима гаплигини эшитганинг йўқми? 
— Нега сен яширин иш тутуасан? Гап немис олимидами?
— Демак, барибир эшитибсан­да, — тасдиқлади Палмер.
— Бутун Стритда фақат шу ҳақда гапиришаяпти. Лекин у шунчалик фойда келтириши мумкинми?
— Пит,  фойда эндигина сезила бошлади.
— Лекин нимага?..
— Эҳ, Пит, — чуқур нафас олди Палмер. — Сени далоллик қилади, деб ўйлагандим. — У гапни бўлди ва ҳамон чақираётган Бэркхардтнинг қўнғироғига эътибор бермай, бошқа бир телефон гўшагини кўтарди.
— Жаноб Моллет, сэр.
— Уланг. — Палмер чўнтагидан режа ёзилган қоғозчани олди. — Жорж, қўнғироқ қилолдингизми?
— Ҳа, лекин осон бўлмади. — Бечора йигит охири гўшакни ташлаб юборди.
— Нима учун “Бечора йигит?” Гаусс туфайли­я?   
— Бўлмаса нима учун? Унинг матбуотга хабар қиладиган ҳеч нарсаси қолмаган экан. У айтдики, бизнинг Вашингтондаги бюромиз бир неча соатдан кейин бу воқеага доир тегишли маълумотларни оларкан. У кейинги саволни охиригача эшитмасдан, гўшакни ташлади.
— Даҳшат!
— Айтинг-чи, йирик солиқ тўловчи сифатида сиз давлат хизматчилари орасида жанжал чиқаришга ҳақлимисиз?
— Асабийлашгани учун Тимга ҳақ тўлашади. Унинг агентлиги бу масалада расмий баёнат беришидан мамнунман. Ана шунда сиз ҳам тайёр ҳолдаги мақолангизга эга бўласиз.
Палмер стул суянчиғига ясланди. Бир дақиқа ўтгач, кўзларини юмди ва барча мушакларига дам беришга уринди.


Олтмиш учинчи боб

Соат бешда банк коммутатори тунги ишларини тугатди. Палмернинг илтимосига кўра кечки қўнғироқлар Виржиния Клэрининг рақамига ўтказилди. Бирорта одам унинг хонаси билан боғлана олмади. Шундай бўлса-да, соат 5.30 да телефонининг яшил чироқлари ёнди. Палмер даллол қўнғироқ қилаяпти, деб ўйлади ва тугмачани босди:
— Ҳа, Пит?
— Мен Питга ўхшайманми? — сўради Мак Бернс.
Палмер қовоғини солди. Ундан ташқари нью-йорклик ва чикаголик даллолларнинг бирортаси ҳам бу телефон рақамини билмасди. Бугун кундузи у фақат Эдисга Тим қўнғироқ қилса, шу рақамга улагин, деб тайинлаганди.
Мак Бернснинг овози эшитилганда Палмер саросима ичида стол устида уюлиб ётган қоғозларга — жавоб берилмаган телефон рақамларига нигоҳ ташлади. Виржиния бу телефон рақамини билармиди? Балки. Балки, уни Бэркхардт ҳам билар, ЮБТКда деярли ҳамма, Палмернинг кабинетига кирганлар телефон рақамини кўрган бўлиши мумкин. Демак, Бернс ҳам. Бирдан Палмер сукут чўзилиб кетганини ҳис қилди.
— Пит кимга ўхшайди? — ниҳоят сўради у.
— Эшит, азизим учраша оламизми?
— Гап нима ҳақида бўлишига қараб.
— О, mucho1  нарсалар ҳақида азизим.
— Худойим, кўп тилларни билувчиларга офарин. Айт-чи, нима учун овозинг бошқача?
— Овозим бошқача бўлиши керакми? — эътироз билдирди Бернс. — Бундай дейишингга бирор сабаб борми?
— Бир дунёсини санаб беришим мумкин.
— Чунки ичакларим жанг бўлиб ўтган далаларга осиб қўйилганими? — сўради Бернс. — Мени хонавайрон қилдинг-ку, болагинам? Кўричагимни кесишгандан буён бундай жарроҳликка дуч келмаган эдим.
— Илтимос, хушомад қилмасдан гапиравер.
— Ҳеч қандай оғриқ қолдирувчи воситасиз — давом этди Бернс. — Дўстим, сен сўйганда ҳам астойдил, чинакамига сўяр экансан. Фақат соат тўртдагина немис хоини ҳақидаги янгиликдан воқиф бўлдим. Дўстларинг ғаройиб экан.
— У — дўстим эмас.
— Энди дўстинг бўлмай қолдими? Тўхта, ундан фойдаланганингни у қачон била олади?
— Нима кераги бор, Мак. Жет-Техда аҳволи ёмон бўлиб қолган экан. Бошқа иш таклиф қилган ҳар қандай одам унга қатта яхшилик қилган бўларди.
— Эдди Хейген-чи? Сен уни қаерга тиқиштирганингни тушунадими?
— Генерал Хейген тадқиқот ишларида янги раҳбарга эга бўлди. Бу ишни ким қилса ҳам генерални оғир вазиятдан чиқарган бўларди.
— Ва сенат комиссияси олдига қўйган бўларди, — қўшимча қилди Бернс.
Палмер қаддини ростлади.
— Тушунмадим.
— Хейген тушунади. Гаусс ҳам, Жет-Техдаги раҳбарлар ҳам.
— Улар комиссия олдида туришади демоқчимисан?
— Вашингтондаги мени одамим яқиндагина қўнғироқ қилди, оғайни. Мана шундай ишлар билан шуғулланувчи департаментдагилар қутуриб кетишибди, деди у. Ярим соатдан кейин матбуот конференцияси бўлади. Улар бундай ўтишга қаршилик кўрсатиш мақсадида текширув ўтказишни талаб қилишмоқчи.
— Бундай қилишга қонуний ҳуқуқлари бор, — жавоб берди Палмер.
— Иш таҳлил қилинганда исмингни тилга олмасликка ким халақит бера олади?
— Ўйлайманки, ҳеч ким.
— Буниси қандоқ бўлди? — сўради Бернс.
— Нима қипти? Мамлакатимиз эркин мамлакат, Мак. Агар улар мени миллий хавфсизлигимиз учун катта фойда келтиришга қодир одамни фаолияти чеклаб қўйилган бошқа одам билан учраштириб, ҳар иккисини йўлдан урди деб айтишни хоҳласалар, уларни тўхтата олмайман. Ҳаракат ҳам қилмайман.
— Азизим, сенаторлар ҳамма нарсага бошқача кўз билан қараши мумкин. Улар сени ўта зарур “Уотан” лойиҳаси билан машғул ишдан чалғитишда айблашлари мумкинлигини унутма.
— Гауссни назарда тутаяпсанми? — сўради Палмер, чамамда у воқеани бутунлай бошқача изоҳлайди. У, эҳтимол, “Уотан”нинг омади юришмаётганига Жет-Технинг хасислиги сабаб, бу компания уни маблағ билан пухта таъминлай олмаяпти, деб изоҳ бера олади. Дунёда унинг ноҳақлигини исботлайдиган ўн нафар одам топилмайди. Бинобарин, у ҳақ бўлиб чиқади.
Бернс анчагина жим қолди. Кейин енгилгина киноя билан “ҳа-а” деб қўйди.
— Танлаш имкони йўқ, — Виржиния унинг гапини якунлади. — Ҳозир мен сенга асосийсини айтаман. Жума куни оқшомда жамғарма банклар менга иш таклиф қилишди. Мен “йўқ” деб жавоб бердим. Бироқ шанба ва якшанба кунлари бошдан кечирганларим ҳолдан тойдирди. Душанба куни менга иш таклиф қилган одамга қўнғироқ қилиб, “хўп” дедим. Мен хоҳлаган пайтимда ишга тушишим мумкин. Улар уч йилга шартнома тайёрлашяпти. Иш ҳақи ЮБТКдагидан юқори. Бироқ пули мени қизиқтирмайди. — У чўзилиб, Палмернинг қўлига қўлини қўйди. Аёлнинг қўли муздай эди.
Виржиния Палмернинг қўлини қаттиқ қисди.
— Бошқа гаплар ҳам бор. Мен, масалан, чин юракдан тижорат банки ходими бўлмайман, деб аҳд қилдим. Эрта етиляпман. Шарқий Гарлемлик бечора қиз. ЮБТК... У забт эта олмаган дунё. Мен мухолифчилар билан бахтлироқ бўламан деб ўйлайман. Бундай турдаги одамларга яқинроқман. Улар давлат ва оламга эга эмаслар. ЮБТК ҳамиша мени қўрқитар эди. Бироқ бу ҳам энг яхши истагим эмас. — У Палмернинг иккинчи қўлини ҳам олди ва уларни қаттиқ қисди. — Асосийси, азизим, мен сендан узоқда бўламан. — У Палмернинг қўлларини эҳтиёткорлик билан столга қўйди, ўрнидан туриб, эшик томон йўналди. — Кўрдингми, ишлар қанақалигини?
— ЮБТК билан шартноманг йўқми?
— Ҳеч қанақа. Ўйлайманки, мени шартнома билан ишлашга муносиб эмас деб билишган.
— Жамғарма банклар ютиб чиқиши мумкин эмас, сен буни биласан.
— Энди Мак икковларинг бундай бўлмаслиги учун ҳаракат қилинглар. У яна сенга иттифоқдош бўлди, тўғрими? Уни ҳамиша кучли томон ўзига тортади. Лекин биз ютқазамизми-ютқазмаймизми, менга барибир. Мени ЮБТКда қолишга кўндирсанг қанчалик жаҳлинг чиқишини тасаввур қиламан.
— Менимча, бундай бўлишига умид жуда кам, — деди Палмер. — Кел, мавзуни ўзгартирамиз.
— Йўқ. Жимми Клэрининг айтмоқчи бўлган фикрлари бор ҳали. Худо ҳаққи, тумтайма. Сенинг тумтайишингга сабаб жуда кам, сен ношукур бандасан. — У яна Палмернинг қўлини олиб лабларига олиб борди ва аста лабларига сурди.
— Керак эмас. — Палмер қўлини тортиб олди ва билинар-билинмас қолган лаб бўёғи изига қаради. — Ё севимли бўл, ё умуман қўл етмас бўлгин. Бир вақтнинг ўзида иккаласи бўлиши мумкин эмас.
— Мен фақат ўз-ўзимга ўхшаган бўлишим мумкин, — жавоб берди Виржиния. Бир неча муддат улар бир-бирларига эҳтиёткорлик билан қараб қолишди...
— Вудс, мен иш ҳақида гапиряпман. ЮБТКни назарда тутяпман. Мен... — У қўлини енгил силкитди. — Мен бечораҳол аёлман. Бизни тирсаклари билан туртиб, ўзи учун юқорига йўл очадиганлар кўп. Биласанми, ҳамма нарса рухсат берилган маълум тоифалар бўлади. Яҳудийлар анча кенг имкониятларга эга. Уларнинг олим бўлишлари шарт эмас. Улар мусиқачи, масхарабоз ёки ҳакам бўлишлари мумкин. Мана мен ҳам шундай бўлдим: борлиғим билан ЮБТК никиман. Қандай қилиб бу ҳолга тушиб қолганимни билмайман, тушунмайман, бу машғулотни қадрламайман ва ёқтирмайман. Балки жамғарма банкни ҳам ташлаб кетарман, шундай бўлиши мумкин. Бироқ айни пайтда, сенинг шарофатинг билан, менимча, банк экперти бўлдим ва у менга катта пул келтиряпти.
— Бу қанақа қоида? — сўради Палмер. — Уларни ким ўрнатади?
— Болагинам, дўмбоғим, — деди Виржиния Бернснинг овозига тақлид қилиб. — Наҳотки сен билмасанг? Қоидани сен ўрнатасан.
— Мен?
— Сен ва сенга ўхшаганлар.
Палмер аста бош ирғади:
— Умуман, ОАПлар.
— Бу атамадан, хабардорлигингни билмайман.
У кинояли жилмайди:
— Яширин ташкилот хушёрликни йўқотибди. Сирли рақамлар душман қўлига тушибди.
— Хўп, майли. — Бир неча сония у гангиб қолгандай бўлди. Кейин бошини аста чайқади. — Нима бўлганда ҳам ҳаммаси аён. Ҳеч ким мени ЮБТКда тутиб қололмайди. Шунинг учун мен кетаман.
— Бўлмаган гап.
— Йўқ. Тўғри гап.
Виржиния ўрнидан турди ва унга юқоридан қаради. Қўллари Палмернинг сочлари томон чўзилди. Бармоқлари Палмернинг чеккаларига текканда совуқ шамол нафасини эслатди. — Мен жуда тўғри ва қаттиққўл бўлишим керак, — деди аёл паст овозда. — Мен сендаги туйғуларни — қаматилган шахсиятпарастлик деган бўлардим. Лекин бу сенга, барибир ёрдам беролмасди. Шундай қилиб, эшит: сен билан жуда тубан даражада алоқада бўлдим, шунинг учун битта идорада ишлаб, яқин юришга чидай олмайман. Ҳар куни, ҳар дақиқада сени кўриш ёки тасодифан овозингни эшитиш, қоғозга ёзилган исмингни ўқиш мажбурияти... Буларнинг ҳаммаси менга азоб беради, ўлдиради. Хайр, азизим.
Палмер ўрнидан турди.
— Балки?..
— Йўқ, биз яқин бўлолмаймиз. Мени қанчалик кучли деб билишинг менга номаълум... Овози бўғилиб, дарҳол тескари қаради.
— Эшит агар қўлимдан келганда...
— Қўлингдан келмайди, — аёл силлиқ гапиришга уринди.
У мана ҳозир ўкириб йиғлаб юборадиганга ўхшарди. Кўзлари даҳшатли тарзда катталашди. Палмер қўлларидан ушлаб қолишга улгурмай, эшикка югуриб, кўчага отилиб чиқди. Иложи борича тез юришга ҳаракат қилган Палмер орқасидан югурди. У кўчага чиққанда аёл таксига ўтираётганди. Эшиги қарсиллаб ёпилган такси жўнаб кетди.
Палмер оқшомги совуқ ҳавода пальтосиз турарди. Балки барнинг ўртасидан югуриб ўтсам яхши бўлармиди, дея мулоҳаза қиларди у. Шу туфайли қўлга киритилган бир неча сония вақт Виржинияни тўхтатиб қолишга ёрдам берармиди?


Олтмиш тўртинчи боб

Палмер Бернснинг уйи бурчагига борди-ю, бирдан тўхтаб, ялтироқ оқ ғиштларга суянди. Уларнинг ёноқларига ботаётган қирраларини ҳис қилган ҳолда ҳайрат билан ўйлаб қолди: навбатдаги қадамини ташлай олармикан?
У қачондир худди ҳозиргига ўхшаш саросимага тушганини эслади. Лекин унда Палмерга ҳозирдагидек теран ақл зарур бўлмаганди. У ҳеч қачон Бернс ка¬би пасткаш бўлолмаслигини, бу борада унга тенглашолмаслигини ҳис қилди. Бу одам устаси фаранг фитначи эди. Унда қобилиятдан ташқари бировларга макр-ҳийла ишлатиб, улар чеккан азобдан қувониш, ором олиш туйғуси мавжуд эди.
Бироқ кўпчилигимиз нафас олишни шу ерда ўрганамиз, деб ўйлади Палмер. Гуллаб-яшнашни ҳам.
У шундай хаёллар билан Бернснинг уйига кирди. Лифтда кўтарилар экан, Виржиния билан бўлиб ўтган суҳбатни хавотирланиб эслади. Хавотирланганига сабаб, кўнглидаги ғалаён теран фикрлашига халал бериши мумкин эди. Бироқ у Бернс яшайдиган қаватга етгунча Виржиния эртага бошқача кайфиятда бўлишига, ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг қарори узил-кесил эмаслигига ўзини ишонтирди.
У Виржиния билан эртага эрталаб гаплашади. Ҳаммаси яна ўзгаради.
Бернснинг эшиги очиқ экан. Қўнғироқ тугмасини босган Палмер унинг ичкарида нимадир деб қичқирганини эшитди. У кириб эшикни ёпди.
— Мана бу бошқа гап, болагинам! — хитоб қилди Бернс. — ҳозиргина овқат олиб келишди.
Палмер пальтоси ва шляпасини ечиб, ҳавони искади: хона мазали ҳидга тўла эди...
Улар овқатлана бошладилар.
— Сенга атаб, банкирларнинг латифасини асраб қўйибман, — деди Бернс қўлидаги тузланган узун бодринг бўлагини силкитиб.
— Тижоратчиникими ё жамғарма?
— Ирланд банкларини биласан-ку, — давом этди Бернс. — Уларнинг кўпи ҳалиям инглизларга тегишли. Шундай қилиб, қозон қалпоқ ва ҳасса тутган инглиз банкири Дублинга, йиллик текширувга келибди. У тўғри банкка қараб юрибди. Кундузи ўн икки. Ҳеч ким йўқ. Эшиклар очиқ, кассаларнинг қутилари чиқариб қўйилган, ҳатто ертўладаги сейф ҳам ланг очиқ. Ҳаммаёқда пул. Аммо ҳеч ким йўқ. Унинг қаттиқ жаҳли чиқибди. “Тревога!” сигналининг тутқичидан тортибди. Кучли овозлар янграбди. Қўнғироқлар, Сиреналар! Қулоқни қоматга келтиради! У югуриб кўчага чиқибди. Ҳеч ким тўхтамас эмиш. Одамлар унинг ёнидан индамай ўтиб кетаверибди. Бир пайт кўчанинг нариги бетидаги қаҳвахона эшиги очилиб, патнусда тўрт кружка пиво кўтарган официант аёл чиқибди ва банкка қараб йўл олибди. — Бернс гапдан тўхтади.
— Хўш?
— Нима хўш? Кулмайсанми, сурбет!
Палмер қовоғини солди, кейин гап мазмунини тушунди.
— Улар... улар тревога сигналидан фойдаланишар эканми?
— Официантни чақириш учун, — латифасини тугатди Бернс ва жон-жаҳди билан баланд овозда кулиб юборди. — Бўпти. Яхши. — Бернс сигарет тутатиб, ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарди ва уларнинг орасидан Палмерга қиё қаради. — Гапимни тингла, Вуди. Мен кучим борича кескинликни юмшатишга ҳаракат қиламан. Одатда бунга осонгина эришаман. Бир неча кун аввал ясама тишларинг учун сени осишга қасамёд қилган эдим. Бироқ сен оёғим остидаги барча ғовларни, Жо Лумисни ва бутун бемаъни режаларни олиб ташладинг. Энди бизнинг вазифамиз ақллар учрашуви учун йўл топиш. Мен магнитофон тасмасини ишга солмай туриб сенга немис билан кўзбойлағич ўйнашингга имкон бердим. Шундай қилиб, мендан воз кечма. Мен билан суҳбатда бўл. Мени қанчалик яхши кўришингни айт.
Палмер бош чайқади.
— Бир-биримизни алдамасак, янаям яхши ишлашимиз мумкин. Сен билан ишлаш оғир, чунки ўртада ишонч йўқ. Мен билан бирга бўлиш сенга ҳам қийин, сабаби бир марта бўлса ҳам лақиллатиб кетганларни ёқтирмайсан.
— Йўқ, ундай эмас. Ютқазганларни кўргани кўзим йўқ, қария. Ғолибларга жон деб хизмат қиламан.
Бернс кинояли жилмайди.
— Қанақа жанг ҳақида гапиряпмиз? Олбанидаги Билл бўлимлари ҳақидами ё ЮБТК устидан назорат учун курашми?
— У ҳалиям давом этяптими? — сўради Палмер муғомбирлик билан.
— Бу ҳақда ҳали ҳеч нарса эълон қилингани йўқ.
— Менимча, — деди Палмер ўйчан, — эрта-индин норози акциядорлар Лумиснинг қўлини боғлаб қўйса, Вашингтон сўроққа тутиши билан қандайдир кўмитача Лумисни Жет-Техдан ҳайдаш ҳаракатига тушиб қолади.
Бернс тасдиқлади:
— Буни мен ҳам ўйлаганман.
— Муҳаббат бобида сўзлаётганимизга сабаб ҳам шу-да.
Бернс кафтларини юқорига қаратди.
— Миям қай даражада ишлаётганини шунчалик билар экансан, нима учун ҳалигача менга ишонмаяпсан?
— Чунки мен ҳам инсонман, Мак. Кунлардан бир кун сирпаниб кетишим мумкин. Шу пайтда сен мени сотасан. Яна. — Бернснинг сарғамтир-қўнғир кўзлари катта очилди. — Қадрдон дўст. Мени сотмаслигингни қаердан биламан?
— Сен сотма.
Бернс ўйланиб қолди, кейин ўрнидан туриб, ётоқхонага кириб, кетди. Кўп ўтмай беш қути силлиқ магнитофон қутичаларини кўтариб чиқди.
— Бу — ҳаммаси, — деди у. — Демоқчиманки, бу — кўчириб ёзилгани эмас, асл нусхаси. Бир сантиметр ҳам ёзув олиб қолганим йўқ. Менга ишонасанми?
Палмер қутиларни олиб, гўё тарозида тортаётгандек, чамалади.
— Ўта таъсирчан ҳаракат, Мак.
— Шундай бўлади деб ўйлагандим. Энди мега ишонасанми?
— Виржиния Клэри бошқа ишга ўтаётгани ва бу тасмалар охир-оқибатда сариқ чақага ҳам арзимаслигини ҳисобга олганда, — деди Палмер, — ишонсам бўлади.
Бернс бўшашиб стулга ўтирди ва Палмерга тикилиб қолди:
— Буниси энди ортиқча, ошна. Бу ҳақда қачон гапирди? Бугун оқшомдами?
— Ҳа.
— Менинг ҳамма ҳаракатларим пучга чиқибди-да.
— Ўта қайғули. — Палмер жангари қиёфага кирди. — Шундай қилиб, Мак, иккимиз ҳам ўзаро ишонч даражасини аниқлаб олдик. Бу Нью-Йоркча совуқ усул. Шу ерда тўхташни хоҳласанг, кел, ишга киришамиз.


Олтмиш бешинчи боб

Ечилмаган жумбоқлар. Палмер лабларини қийшайтириб, кўзларини қисди: чироқнинг ёрқин нуридан кўзлари қамашиб кетди.
У кўзларини очиб, ёзув столида ётган қоғозларни олди ва бугун оқшом Бернс билан тузган режаларида яна қандайдир муаммолар қолмадимикин дея кўздан кечирди. Соатга қаради, тонгги тўрт бўлибди. Бошқа масалаларга тўғри жавоб топиш учун яна бироз ухлаб олиш керак деб ўйлади.
Палмер чуқур нафас олиб, телефонга қўл чўзди ва Бернснинг идора рақамини терди. У ёқдан аёл киши чўзиқ овозда хоҳламайгина жавоб қайтарди: Атертон, Крэги энд Мун.
— Мак Бернс шу ердами?
Аёлнинг овози жонланди:
— Қандай ёрдам керак?
— Бу — мистер Палмер. Мистер Бернсни улаб беринг.
— Бир дақиқа, жаноб Палмер, — У “Палмер” сўзига  шундай урғу бердики, Палмер Бернснинг аёл билан бир хонада ўтирганлигини ва телефон гўшагига қўл чўзаётганини аниқ кўргандек бўлди.
— Ҳали ётмадингми, азизим?
— Сен ҳам ходимларингни ушлаб турганингни сезяпман. Ё бу дастурдан ташқари кўнгил очишми?
— Фақат ишга доир муносабат. Карикатура тамом бўлди. Нусхалар тугади. Бош қашишга вақт йўқ... Бернс қаттиқ йўталди, — ... Линотипда чиқаришга кўп вақт керак, ҳисоблаш машинасининг ёзув ускунасида кўпайтиряпмиз. Санъат бўлимидаги йигит тарқатиладиган нусхани безаяпти.
— Қани, эшитиб кўрайлик-чи, Мак.
— Х-х-ўп, — нариги томондан саросимали ғулдираш эшитилди. — Бу ёмон эмас, — пишиллади Бернс. — Тўғриланган нусхаси, ҳалиги... Жимми. Яхши, Вуди?
— Бошла.
— Майли, сарлавҳаси, ҳмм, қаердайди... “Социалистик банклар охирги томчи қонимизни сўриб олишмоқда”. Қойилми?
— Худойим, тўнғиллади Палмер. — Эътибор берма, давом эт.
— Яхши. Унинг остида — каттакон ҳажвий расм. Улкан, семиз, ифлос банк, “жамғарма банк” деган ёзув, томида ўроқ-болғали байроқ. Насосдан шланг чиқарилган. Сенаторга ўхшаган одам насосни босяпти. У одам “Давлат қонунчилиги”ни билдиради. Насоснинг шланги кичкина, Жон К.нинг мажруҳ қўлига санчилган тиббиёт нинасига уланган. Умуман, халқдан чиққан қашшоқ. Нинадан бир неча томчи қон оқиб турибди. Роса калтак еганга ўхшайди. Чўнтаклари ағдарилган. Дала қўриқчисини эслатади. Банк атрофида эса у ҳар сонияда янаяам семириб бораётганини кўрсатувчи чизиқлар чизилган. Ёқдими?
— Бу — даҳшат!
— Болакай!
— Ҳа, ҳа, — давом этди Палмер. — Сарлавҳадаги “социалистик” сўзини “социалист” сўзига алмаштир. Шунда масъулияти камроқ бўлади. Ўроқ болғали байроқни олиб ташла. Яна, худо ҳаққи, бир қараб кўр, қон томчиларисиз иложи йўқмикан? Барибир нишонга тегади, танлаб ўтиришга имконимиз йўқ.
— Тўппа-тўғри. Энди мақоланинг нусхасини эшит.
— Ўқи.
— Ҳмм. У мана бундай бошланади: “Хушёр бўлинглар! Ўрмаловчи социализм арвоҳ ёки телба одамнинг алаҳлаши эмас. Социалистик анъаналар давлатимизнинг юрагида, энг оғриқ жойи — сизнинг ҳамёнларингизда пайдо бўла бошлади. Сўз боши. Кейин Сиракузадаги нутқингдан бир жумла оламиз, ўзингга ёққан эди-ку? Тра-та-та. Кейин: “Социалистик банклар қонингизни ичишига йўл берманг. Нозик мижоз имтиёзли жамғарма банкларни тежалган омонатларингиз ҳисобига семиришига йўл қўйманг.” Сўз боши. “Сизлар солиқларни тўлаяпсизлар. Шундай экан, нима учун жамғарма банклар солиқ тўлашмайди?” Сўз боши. “Сизлар пулларингизни Америка банкларига қўясизлар. Нима учун жамғарма банклари ўз пулларини Америкага қўйишни хоҳламайди?” Сўз боши. “Сизлар хусусий тадбиркорликка ишонасизлар. Нима учун жамғарма банклари унга ишонмаслиги керак?.. Сўз боши. “Бошқа давлатлардан келган жамғарма банклар давлатингиз, халқингиз қалбини ейишига йўл қўйманг”. Абзац. Бу мутлақо расво нарса, тўғрими, Вуди? Мана, охири: “Хушёр бўлинглар ва атрофда нималар бўлаётганига қаранглар. Сенаторларингиз ва қонун чиқарувчи мажлис аъзоларини судралувчи социализм эмас, хусусий тадбиркорлик учун овоз беришга унданглар!” Сўз боши. “Уларни жамғарма банклар ҳақидаги қонун лойиҳасига йўқ дейишга даъват этинглар.” Энг охирига “Фуқароларнинг хусусий тадбиркорлик бўйича мустақил қўмитаси” деган ёзув қўшиб қўйилади.


Олтмиш олтинчи боб

Сешанба куни биржа очилганда курс унчалик баланд бўлмаса-да, бир қадар кўтарилгани кузатилди. Соат ўнга бориб, Жет-Тех акциялари ҳақидаги телеграф хабарлари анча кечикиб туша бошлади. Соат ўн бирда Палмернинг даллоли энг ишончли манбалар орқали акция 35 гача, яъни ўз таннархидан 10 банд пасайиб кетганини аниқлашга улгурди.
Соат ўн бирда, Палмер даллол билан гаплашаётган пайтда Виржиния Клэри бўлимида ишлайдиган қиз кундузги газеталарнинг дастлабки нашрларини олиб келди. “Жорнэл америкэн” ва “Уорлд телеграм” Вашингтондан ЮПИнинг Тим Карви департаментида чақирилган матбуот анжумани ҳақидаги хабарни чоп этган эдилар. Баёнот Палмер кутганидек, ваҳимали бўлмаса ҳам, масала моҳиятини тўлиқ қамраб олганди. “Жорнэл”даги мақола сарлавҳаси бир қадар мавҳум чиққан эди.
Эрталабки ўндан бошлаб қўнғироқ тинимсиз жиринглашга тушди. Палмер котибасига фақат газетачилар билангина боғлашни тайинлади. Бернс унинг шахсий телефонига уч марта қўнғироқ қилди: дастлаб — Фогел билан ўрнатилган алоқа ҳақида хабар қилди, сўнг баёнотлар газетага етказилганини айтди. Яна бир марта эса клише тайёрлангани ва бугунги биринчи сон учун кўпайтирилаётганини билдирди.
Соат ўн  бирдан кейин Палмернинг котибаси барча телефон қўнғироқлари ёзувини келтириб берди. Уларнинг орасида Бэркхардт беш марта қўнғироқ қилгани ҳам қайд этилган эди. У Коннектикутдаги уйидан телефон қилганди.
Палмер энсаси қотганича, интеркомдаги  “Бэркхардт” деб ёзилган тугмачани босди. Ҳеч ким жавоб бермагач, у Коннектикутдаги рақамларни терди. Гўшакни хизматкор аёллардан бири кўтарди.
— Йўқ, жаноб Палмер, у ярим соатча олдин кетди. — У гўшакни қўйиб улгурмасдан яна қўнғироқ бўлди. У гўшакни қайта кўтарди: — Палмер.
— Жорж Моллетт. Сизда ишим бор эди.
— Жавоб ижобий бўлади, — деди Палмер.
Репортёр кулиб юборди.
— Ҳозиргина Олбанидаги ҳамкасблардан бири билан гаплашдим. Илтимосим шундай: сиз Жимми Фогел исм-шарифли одамни танийсизми? Мен бу ҳақда унга хабар бераман.
Палмер стул суянчиғига ясланди. Ёлғон гапи ростдек чиқиши учун асабларини бўшаштириши керак. Акс ҳолда овозидаги таранглик ички ҳиссиётларини фош қилиб қўяди. — Жимми Фогел дейсанми? — сўради у. — Бундан осони йўқ, Жорж. Ҳеч гап эмас.
— У ҳақда бирон арзийдиган гап эшитмаганмисиз?
— Ҳеч қачон. У банкирми?
— Балки. У вақти-вақти билан банкларни чўгиртак супурги билан супуриб туриши билан машҳур.
— У жаноб Олбаниданми?
Моллетт яна кулди.
— Қанчалик даҳшатлисиз, — деди у. — Булар ҳақида худди хиқичоқ тутаётгандек табиий гапирасиз. Наҳотки асабларингиз бўлмаса?
Палмер репортёрга бор ҳақиқатни росмана айтса, нималарга эга бўлишини ўйлади. Ва бу сирни ҳозирча ҳеч кимга ишониб бўлмайди деган тўхтамга келди.
— Бу йигитни билишим зарурми, Жорж? — сўради у.
— Билмадим. Бу гал мен фақат ўртадаги воситачиман. Балки, Мак Бернс билар? Икковларинг яна бирга, бир тўшакдамисизлар?
— Эътиборингиз учун айтаманки, биз бу тўшакни ҳеч қачон тарк этмаганмиз. Бир гал уни ишдан бўшатмоқчи бўлдим-у, дарров фикримдан қайтдим, — жавоб берди Палмер. — Маълумки, жаноб Бернс ЮБТКда ҳамон жамоатчилик муносабатлари бўйича махсус маслаҳатчи бўлиб ишлайди. — Палмер бироз жим турди. Хўш, Фогелга нима бўлди?
— Пул билан тўғирлайдиган даражада гап йўқ. Агар сиз ҳақиқатдан ҳам ҳеч нарса билмасангиз, фикримча, мен ҳам бу ҳақда гапирмаганим маъқул. Аммо куннинг охирига бориб ҳамма нарса маълум бўлади.
— Бирорта сиёсий воқеами?
— Ҳа. — Репортёр бир неча сония жим қолди. — Менга ҳозиргина кичкина хабар беришди. Жет-Технинг акциялари 32 гача тушиб кетибди. Охирги тўрт йилда улар бирор марта ҳам бу даражада пасаймаган эди.
— Даҳшат. Умид қиламанки, Жорж, сизда бу акциялардан йўқ.
— Менда? — Моллетт секингина ҳиринглади. — Мен кеча “Клуб”да столдан сакраб туриб кетдим. Ўша унутилмас тушликни эслайсизми? — Қўлимда борини сира қолдирмай сотиб юбордим. Сизнингча, уларни қачон қайта сотиб олганим маъқул?
— Фақат ишончли акцияларни сотиб олинг, Жорж. ЮБТКни сотиб олинг.
Кабинет эшиги очилди ва остонада Беркхардт пайдо бўлди. У Палмерга қаттиқ тикилиб турарди. Палмер Бош ирғади ва трубкага қараб:
— Жорж, ҳозиргина босс кириб келди. Яна бирор нарса керакми? — деб сўради.
— Гапимни тугатаман ва гаплашувларинг учун имконият яратаман, — жавоб берди репортёр. — Бечора қари галварснинг аслида нималар бўлаётганига фаҳми етмайди.
— Бўлиши мумкин, Жорж. Ҳозирча.
Палмер гўшакни илди.
— Ким у? — сўради Бэркхардт.
— “Стар”даги Моллетт. Телефонингизни менга улашмагани учун узр. Алоқа тизими фақат газетачилар учун очиқ эди.
— Тизими? — Бэркхардтнинг кўк кўзлари ғазабдан катта очилди. Унинг одатдаги қизил юзи бўзариб кетди. Ғазаб билан эшикни қаттиқ ёпиб, Палмер ўтирган каттакон хонанинг ўртасига келди. — Лаънати, — деди у ваҳшиёна осойишталик билан ўзини қўлга олиб. — Банкнинг ососий иш юритувчиси ўзига тобе ёлланма малай билан гаплаша олмайди. Бошқаларнинг ишига бурнини суқадиган ҳар қандай телба сенга зудлик билан қўнғироқ қилаверади. — У аста ўгирилди ва Палмерга қаради. — Майли. Гапир.
— Нима ҳақида? — қисқа савол берди Палмер. — Аҳамият бердингизми, ЮБТК акцияларининг фаоллиги деярли йўқ даражага тушди? Ҳеч кутилмаганда уларни харид қилмай қўйдилар.
— Уларни сотиб олганлар, — минғирлади Бэркхардт — мавжуд Жет-Тех акцияларидан қутулиш билан банд. Сен бизни қанақа ғалвага рўпара қилдинг?
— Биз эмас, Жет-Тех ғалвада.
Бэркхардт ютоқиб, нафас олди. — Бу — албатта ЮБТКга ҳам таъсир қилади, ярамас телба! — бўкирди у. Унинг кўзлари дум-думалоқ бўлиб кетди. — Қандай аҳволда қолишимизни ҳеч бўлмаса, тасаввур қиласанми?
Палмер Бэркхардт кўзларининг бурчагида пирпираётган киприкларига қаради.
— Лэйн, ўтиринг, — деди Палмер. — Марҳамат.
— Менга меҳрибонлик қилма, бахтсиз мишиқи! — Бэркхардт хона тўридаги каттакон дераза ёнига борди. — Ўзингча нима ишлар қилаётганингни билишим керак. Мен ҳаётимни бахш этган идоранинг обрўсини хавф остида қолдириш учун ўтакетган даражада сурбет бўлиш керак. Бунга қандай журъат этдинг?
Палмер сигарет қутисини чиқариб, стол оша Бэркхардт томонга суриб қўйди.
— Жаҳлингиз чиқмасин, — деди у хаёлчанлик билан паст овозда. — Ҳаммасини тушунтириб ўтиришга вақтим бўлмади. Нима бўлганда ҳам бу иш оқибатида иккимизнинг қай аҳволга тушишимиз аввалдан маълум эди.
— Ҳозиргидек, сен кичкина...
— Тинчланиб, жим ўтиринг! — гапини кесди Палмер. — Сўкишларингизни эшитиш мажбуриятини олган эмасман.
Иккаласи бир-бирига эҳтиёткорлик ва қандайдир ҳорғинлик билан тикилиб қолишди. Кейин Бэркхардт ўтириб, сигарет тутатди.
— ЮБТКда узоқ қолиш ниятинг йўқ экан, — деди у атайлаб таъсирсиз оҳангда, — лавозимингни пасайтириш шарт эмас деб ўйлайман.
— Аҳамияти йўқ, — гапини бўлди Палмер. — Ўта кучли кузирлар бор. Уларнинг талабларини шунчаки, четга суриб қўйсам, катта кўнгилсизликлар келиб чиқар эди. Уларни қўллаб-қувватлаганимда мени ўзларининг директорлар кенгашларига қўшиб олишар, сизни эса бирорта фахрий раис лавозимига суриб қўйишиб, катта миқдорда заём ёки ундан ҳам баландроқ юутуқни қўлга киритишар эди. Ҳозир Лумиснинг қўллари ўз муаммолари билан шунчалик боғлаб қўйилдики, акциядорларимизни йиғилишида биронта юриш қилишга ҳам ҳоли қолмади.
Бир неча муддат Бэркхардт сигаретни қисқа-қисқа тортиб, атрофини тутунга тўлдирганича, жим қолди.
— Жамғарма банклари-чи? — ниҳоят у тилга кириб бўкирди.
Бэркхардт нималарни билишини аниқлай олмаган Палмер мужмал жавоб берди:
— Сиз, албатта, Жет-Технинг Олбанида жанг қилишга мажоли қолмаганини тушуниб оласиз.
— Анави, улар менга тавсия қилган грек-чи?
Палмернинг пешонаси тиришди:
— Ливанлик. Сиз нима учун у билан ишлай олмаганингизни тушуниш қийин эмас. Сиз ҳамма чет элликлардан нафратланасизми ё фақат Бернсданми?
— Бунақа танишларим тўлиб ётибди, — қуруққина жавоб берди Бэркхардт. — Уларнинг бир дунёси билан иш юзасидан мулоқотда бўлганман. Бироқ Бернсни кўрган заҳотим кимга тўқнаш келганимни англаган эдим. Эшит. — У столга яқинроқ энгашди. — Оқ танли одам шундай қила олармиди?
Палмернинг оғзи хунук қийшайиб кетди.
Палмер ўрнидан қандай қўзғалаётганини сезиб турарди. Чамаси, у турмоқчи эмасди. Бироқ оёққа турган заҳоти Бэркхардтникидан баланд бўлган ўз овозини эшитди.
— Эркакчасига гаплашиб олишни хоҳлайсизми?
— Сен билан жон деб ҳисоб-китоб қиламан.
Палмер столга энгашди ва юзини Бэркхардтнинг башарасига яқин келтирди.
— Сиз умуман ҳақиқатни биласизми ўзи? — сўради у. — Сиз қари фирибгар сифатида ном қозонишдан бошқага ярамайсиз. Қайси бирингизни банкир деб бўлади? Жин урсин, сизлар бу ишда нимани тушунасизлар ўзи? Сиз мамла¬катимизда тўлиб ётган лақма, мияси йўқ лўттибозлардан бирисиз. Нари борганда фақат қаттиқ туртиб қўйишни биласиз, холос. Ўзингиздан доно ёки нодон одам билан туртишиб қолсангиз, тамом, шўрингиз қурийди. Жо Лумис сизни сассиқ бўлакларга ажратиб хўрак учун қолдирди. Мен сизни ёпиштириб, яна одам тусига киритдим. Мишиқи гўдакка ўхшаб бақиришдан бошқа нарса қўлингиздан келмайди. Агар сиз жимгина ўтириб, таъмирни тугатишимга имкон берсангиз — яхши. Лекин яна бир марта тилингизга эрк берсангиз, сизни пашшаларга ем қилиб қолдираман.
Палмер оёғи остидаги пол гўё даҳшатли равишда чайқалаётганини пайқади. У ўтирди ва ўзини босишга уринди.
Орадан бир муддат ўтиб, иккиси ҳам нафратларини босиб олгач, Бэркхардт қутидан яна битта сигарета олди ва катта дераза олдига бориб, пастга, Бешинчи авенюга узоқ тикилиб турди. Кейин ўгирилди. Ёруғлик орқасидан тушаётгани учун унинг юз ифодасини кўра олмади.
Бэркхардт бўғиқ овозда гапирар эди: — Жамғарма банкларини нима қилмоқчисан?
Палмер елкасини қисди.
— Иш юришяпти, — шошилмай жавоб берди у. — Тафсилотларни кавлаштиришга ҳожат йўқ. Банк қўмитасини шундай қўрқитамизки, улар қарор чиқаришни келгуси йилгача қолдиришади.
— Бу ёрдам берадими?
Палмер кўзларини қисиб қарияга қаради.
— Ёрдам беради. Тўғри, анча қимматга тушади.
— Қанчага? — савол ўта ҳиссиз эди.
— Ҳозирнинг ўзида етти минг атрофида. Балки тугатишимиздан олдин ўн минг бўлар. Бернснинг харажатлари бунга кирмайди.
— Бернснинг?
— Бирорта эътирозингиз борми?
Бэркхардт унга ярим ўгирилди. Палмер унинг ифодасиз, совуқ юзига кўз ташлади.
— Билмайман, — жавоб берди қария.
Палмернинг шахсий телефони жиринглади. У стол ёнига бориб, гўшакни кўтарди.
— Раҳмат, Пит, — деди у ва гўшакни илиб қўйиб, Бэркхардтга қаради. — Жет-Тех акцияларининг баҳоси 29 гача тушибди. Охирги ўн икки йилдаги энг паст нарх.
Бэркхардтнинг лаблари шалвираб, қимирлади. У ўзини уддалай олмаётган одамга ўхшаб қолганди. Ниҳоят у:
— Табриклайман, — деди.
— Лэйн, сизда уларнинг акциялари борми?
— Йўқ.
— Арзон пайтида бироз сотиб олмоқчи эмасмисиз?
— Йўқ.
— Буниси яхши. Биз ЮБТК вакили Жет-Тех акцияларини сотиб олаётган пайтда қўлга тушишига йўл қўя олмаймиз.
Бэркхардт бош ирғади ва гўё охирги ўттиз дақиқа ичида ўн беш килограмм вазминлашгандек оғирлашиб қолган қадамини  аранг ташлаб эшикка қараб юрди. У эшик ёнида тўхтади.
— Яна бирорта кўрсатма бўладими?
— Кайфиятингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг.
— Омади йўқ одам деб ҳисоблаяпсанми?
— Эшитинг, — деди Палмер. — Мен сизни биламан. Сиз ҳеч қачон, ҳеч кимга ваколатингизни бермагансиз. Чунки ўзингиздан бошқа ҳеч кимга ишонмайсиз. Ана шундан ўзингизни бахтли ҳисоблагансиз. Бошқа ҳолатда ҳам бахтли бўлишга ўрганинг-да. Бу — жуда осон.
— Қайта ўрганиш учун жуда қариб қолдим.
Ана шу дақиқаларда Бэркхардтнинг лаблари қимирлади-ю, овози чиқмади. Ниҳоят, у қийналиб гапирди:
— Хатога йўл қўйганим кулгили. Сени жуда яхши биламан деб ўйлардим. Сени шунчаки, отасига ўхшаган ўғил-да, деган фикрда эдим. — Бэркхардт хайратда қолгандек кўзларини қисди. — Сен асли кимнинг ўғлисан?
— Ўзимники, ўз-ўзимники, — деди Палмер гўё ўзи билан гаплашаётгандек паст овозда.
— Кимники?
Палмер йўталди.
— Фақат ўзимники, — аниқ-тиниқ қилиб гапирди Палмер.
Бэркхардт гўё Палмернинг жавобини ҳазм қилаётгандек, бир муддат остонада туриб қолди. Кейин эшикни очди.
— Умид қиламанки, — айнан ўзлигингни топиш сенга  ёқса керак, — деди у. — Одатда у менга жуда ёқар эди...


Олтмиш еттинчи боб

Палмер соат олти яримда уйғонди. Қўнғироқли соатни ўчириб, кабинетни йиғиштирди. Ёзув столи ёнидаги ором курсига чўкиб, ўтган кунлар воқеалари ёзилган қоғозларни ўқий бошлади.
Акциядорлар йиғилиши бугун соат ўнда бошланиб, куннинг ярмида тугаши керак эди. Агар ҳамма иш жойида бўлса, бир неча ой аввал тузган режаси рўёбга чиқади — уни директорликка сайлашади. Бироқ ҳаммаси равон кетишига негадир ишонгиси келмасди.
Шубҳасиз, тасодифий нарсани аниқ топиш лозим. Оила аъзолари бирин-кетин уйғониб, одатдаги кун бошлангунча у жуда кўп нарсаларни ўйлади.
Соат саккизда телефон жиринглади. У нонушта қилаётган эди.
— Ҳозиргина яна беш минг сарфладим, — деб хабар берди Мак Бернс.
Палмер оғзидаги луқмани чала чайнаб, ютди.
— Фогелгами?
— Уни икки ойга Европага, юбордим. Етарли муддат, а?
— Мен Олбанида ҳамма нарса силлиқ кечди деб ўйлагандим.
— Худди ипакдек. Лекин сен айни дамда Фогел “Панамерика” самалётида учиб кетаётганини эшитиб, ўзингни янада бахтиёр ҳис этмайсанми?
— Ҳмм, — Палмер лабидаги ушоқларни артди. — Банк қўмитасидан бирорта хабар борми?
— Пешинда биламан.
— У қандай бўлади?
— Чамаси, улар бўлиниш ҳақидаги хабардан қўрқишади ва уни чиқинди хонага чиқариб ташлашга уриниб кўришади.
— Ажойиб. Кейинроқ гаплашамиз, Мак.
Палмер столга қайтди ва Эдис билан Жеррининг гапларини чала эшитди.
— ...умуман, сенинг ишинг эмас.
— Нима учун? — қизиқди қизалоқ.
Палмер ўзига қараш учун бир сония бошини кўтарган қизининг кулранг кўзларига тикилди. Қиз яна таом ликопчага бошини эгди.
— Нимани тушунтиряпсан? — сўради у.
Эдис унга хавотирланиб қаради:
— Сенинг ишингни.
— Ҳмм?
— Мен, шунчаки, жаноб Бернс сенга бунақа ноқулай вақтда нега қўнғироқ қилаётганини билмоқчи эдим, — тушунтирди Жерри, — онам айтдики...
— Онанг ҳақ, — гапини бўлди Палмер. — Бу — сенинг ишинг эмас. — У яна бир бурда нонга ёғ сурди. — Бир жиҳатдан эса сенинг ишинг меники ҳам-да!
Яна телефон жиринглади. Улар Кейж хоним кимни чорлар экан деб бир муддат жим ўтирдилар.
— Яна сизни сўрашяпти, жаноб Палмер.
— Вуди. — Одатда қаттиқ жаранглайдиган Бэркхардтнинг овози бу гал ўта эҳтиёткорона эшитилди. Лекин Палмер уйқусирашми ё яна бошқа бирор нарса аломатими — аниқлай олмади. — Йиғилиш пайтигача учрашишимиз керак.
— Соат тўққиз яримда кабинетингизда кўришсак бўладими?
— Йўқ. У ерга баъзи директорлар валақлашиш учун кириб қолиши мумкин. Соат тўққизда хонангда учрашсак-чи? Кейин  сени ишбилармонлар даҳасидаги йиғилишга элтиб қўяман? Йўлда гаплашиб оламиз.
Палмер бу таклиф хусусида ўйлаб кўрди ва директорлардан бирортаси ҳам Бэркхардт билан яқин алоқадалигимни билиши керак эмас, деган қарорга келди.
— Бўлмайди, — ниҳоят жавоб берди у. — Мен у ерга боролмайман. Айрим ишларимни тугатишим керак, — ёлғон гапирди у. — Кейин тўғри йиғилишга жўнайман.
— Унда, жин урсин, кел, ҳозир гаплашамиз, — таклиф қилди Бэркхардт.
— Ҳозир нонушта қиляпман. Кейинроқ қўнғироқлашсак бўладими?
— 15 дақиқадан кейин мен кетаман.
Бэркхардт анчагина жим қолди, чамаси, қопқонга тушиб қолаётганини англаган эди.
— Ҳа, майли, — деб у гўшакни қўйди.
— Палмер соатига қаради. 8.20. У ўрнидан турди.
— Ҳозир келаман. — У кабинетига ўтиб, ёзувли қоғозларни титкилади, кераклисини топиб, телефон рақамини терди.
— Эшитаман? — кекса одамнинг ҳорғин паст овози эшитилди.
— Жаноб Лумис? Мен Вудс Палмерман.
— Бир дақиқа. Ҳозир қарайман, жаноб Лумис уйдамикин.
Палмер ёзув столи орқасидаги оромкурсига ўтирди ва яримлаб қолган сигарет қутисига қўлини чўзди. Бу ёққа қўнғироқ қилиш ҳақидаги фикр хаёлига ярим тунда, қандайдир нохуш туш кўрганидан кейин келганди. Бу ғоя уни шунчалик ўзига ром қилиб олдики, у ўрнидан туриб, бир парча қоғозга мулоҳазаларини ёзиб қўйди, эрталаб тургандан кейин ҳам дастлаб шу ҳақида ўйлаган эди.
У ҳозир тунда уйғониб кетган вақтдагидек ўйлаган режаларидан ҳаяжонга тушмаётган бўлса-да, Лумис билан гаплашиш учун ҳар қандай усулни қўллашга тайёр эди. Энг асосийси, ундан бирон нарса сўрашдан наф йўқ, фақат таклиф билан мурожаат қилиш лозим. Шунда ҳам, ўз хулосасини йиғилиш тугашига саноқли дақиқалар қолгандагина билдириб, Лумисга ўйлаб кўриш учун унга вақт қолдирмаган маъқул.
— Хайрли тонг, жаноб Палмер, — эшитилди яна бир қариянинг овози, аммо у анча бардам гапирарди.
— Телефонга келганингиз учун миннатдорман, жаноб Лумис, — гап бошлади Палмер. — Сиз учун, менимча, фойдали бир ғоя чиқиб қолди.
— Ғоят ажойиб таклиф! — Лумиснинг овози киноядан ингичкалашиб кетгандек бўлди. — Бироқ аввал айтинг-чи, бугун эрталаб акциядорлар йиғилишида сизни кўра оламанми?
— Кўрасиз.
— Ва ниҳоят, ғоянгизни эшитишимдан олдин айтинг-чи, у менга қанчага тушади?
Палмер иложи борича хотиржам гапиришга уриниб, кулиб қўйди.
— Ғоя жуда содда. Генерал Хейген билан гаплашиб кўрсангиз бўлмайдими?
— Нима ҳақида?
— Қўшилиш ҳақида.
Симнинг нариги томонида жимлик чўкди. Кейин:
— Сиз буни Эдди Хейген билан муҳокама қилдингизми?
— Йўқ.
— Сиз шунчаки, қалб амри билан менга ўз ғоянгизни билдиряпсизми? — яна майдалаштирди Лумис.
— Унчалик эмас, — тан олди Палмер. — Мана, бир неча кундан бери ўрнингизда бўлганимда, бу вазиятдан қандай чиқиб кетардим деб бошим қотади. Ўзимга топган режам ишончлига ўхшаб туюляпти.
— Хейген — билан дўстсиз. Сизнингча, унинг муносабати қандай бўлади?
— Тасаввур қила олмайман. Сиз билан буни йиғилишдан кейин, овқат¬ланаётиб, муҳокама қилганимиз маъқулмикин?
— Ҳа-а жуда қизиқ, — деди Лумис кўпроқ Палмерга эмас, ўзига гапираётгандек. — Агар биз қўшилсак, Гаусс Жет-Тех учун ишлай бошлайди ва текшириш олиб бораётган кичик қўмитага арзийдиган иш қолмайди. — Лумис узоқ жим қолди. — Фикрларингизни ҳар доим қувватлаганман дея олмайман, жаноб Палмер, бироқ баъзан уларнинг натижасига қойил қолганман.
— Сизга нисбатан мен ҳам шундай фикрдаман, жаноб Лумис, — жавоб берди Палмер. — Айтингчи, жаноб, бугунги йиғилишда акциядорларнинг кайфиятини ўзгартиришга имкониятингиз борми?
— Ҳа-ҳа. Мен иккиланаётганимни билдиришим ва шовқин-сурон кўтаришим мумкин. — Мени қўллайдиганлар бор.
— Ғоямнинг муваффақият қозониши қанчалик шовқин кўтарилишига боғлиқ — деди Палмер. — Ташқарида тўпалон қилиш учун уйдаги ишларни пишитиб қўйиш керак. Сиз ҳам шундай ҳисоблайсизми, жаноб Лумис?
— Келинг, бошимизни қотирмасдан гаплашайлик, — таклиф қилди Лумис. — Агар сиз Хейген қўшилади деб жиддий сўз берсангиз, мен хам йиғилиш тинчгина ўтади деб ваъда бераман.
— Нимаям дердим, хизматга хизмат-да. Майли, шунга келишамиз.
— Битта тузатиш билан, — қўшимча қилди Лумис. — ЮБТК Жет-Технинг заём ҳақидаги илтимосини бажариши керак.
— Ўша сумма ва ўша шарт биланми?
— Буни ихтиёрингизга ҳавола этаман.
— Унда сумма ва шарт бошқача бўлади.
— Жаноб Палмер, ҳаммаси қўлингизда.
— Раҳмат, жаноб Лумис.
— Марҳамат, жаноб Палмер.
— Биз бу ҳақда кейин яна гаплашамиз, жаноб Лумис.
— Сабрсизлик билан кутаман, жаноб Палмер.
— Хайр, жаноб.
— Кўришгунча.
Палмер сигаретни ўчириб, оромкурсидан сакраб турди. Мийиғида кулиб, ошхонага йўл олди.
Деразадан ташқарига қараб, банкнинг “Кадиллак”и келиб, кутиб турганини кўрди. Ҳайдовчи одатдагидан ўн дақиқа олдин келибди, дея хаёлидан ўтказди Палмер.
“Кадиллак” шарқ томонга бурилиб, Ист-ривер-драйвнинг тор кўчаларида ғизиллаб кетар экан, Палмер орқа ўриндиқда ҳордиқ чиқариб борарди. Палмер “Таймс”ни варақлаб, Жет-Техдаги текширувга доир хабар газетасининг ишчи бўлимига, саҳифанинг энг пастига кичкинагина қилиб берилганини кўриб, қониқиш ҳосил қилди. У биржалар жадвалига бағишланган саҳифани очиб, Жет-Тех акциялари 31 га тенглашганини, ЮБТКники эса ярим бандга пасайганини кўрди. Уларни ҳозир ҳеч ким сотиб олмаётганига асосланиб, бу акциялар кейинги бир неча ҳафта ичида олти ой олдинги ҳолатга қайтиши мумкинлигига ишонди.
Палмер ЮБТКга етмасдан шаҳарнинг ишбилармонлар даҳасида машинани тўхтатиб, ҳайдовчига жавоб бериб юборди. У тамаки сотиладиган дўкончага кириб бир қути сигарет харид қилиб, қайтимига икки доллар олди. Сўнг дўкондаги ягона телефон будкасидан Нью-Ингледга, Эдди Хейгеннинг идорасига қўнғироқ қилди.
— Автоматдан қўнғироқ қиляпман, — деди у Хейгенга. — Мени ҳозиргина Жет-Техдан  ўсмоқчилаб, текшириб кўришди.
— Нима гап, оғайни? — сўради Хейген. — Ошқозонинг оғрияптими?
— Диққат билан эшит, — деди Палмер. — Улар сизлар билан қўшилиш ҳақида гаплашмоқчи.
— Мен нима дейишим мумкин, жин ургур? — асабийлашди Хейген. — Мен маслаҳатлашишим зарур бўлган жиддий маҳкама бор.
— Жет-Техга бу таклифни идоранг билан муҳокама қилиб кўришингни айтсам бўладими?
— Жин урсин, айтсанг айтавер. Бироқ, Вуди.
— Ҳа?
— Армиядош эски қадрдоним, охирги хизматинг туфайли таъзиримни едим. Бу гал ишончли ҳимоя зарур.
— Қанақа химоя?
— Агар Жет-Тех билан қўшилсак, улар ЮБТКдаги заёмларининг тақдири яхши муносабат ўрнатилишига боғлиқлигини тушунишлари керак.
— Вой худойим-ей! Эдди! Ҳаддан ошиб кетма...
— Розимисан ё йўқми? — такрорлади Хейген.
— Албатта, ҳа дейман-да. Бироқ мендан ташқари директорлар кенгаши ҳам бор.
— Яхши. Жет-Техга айт, менга қўнғироқ қилишсин. Ким  эди, Лумисми?
— Худди ўзи.
— Бу учрашувга темир совут кийиб келишимни эслатиб қўйгин. Кўришгунча эски армиядош дўстим.
— Кўришгунча, қари қурумсоқ.
Палмер Броуд-стрит бўйлаб хотиржам кета бошлади.
Ҳаво тоза аммо совуқ эди. Баланд бинолар орасидан осмон гўё бир бўлак муз парчасига ўхшаб кўринарди. Палмер қандайдир улкан қанотларнинг пириллаб айланишидан чиқаётган овозни тинглаб бурчакда бироз қараб турди. Кўзларини қисиб, мусаффо осмонга кўтарилиб бораётган вертолётни кўрди. У айланаётган қанотларига осилган ҳолда гўё ўлжасини кузатаётган қарчиғайдек, ҳавода бир муддат чарх уриб тўхтаб турди. Кейин бир силкиниб олиб, юқорига кўтарилди ва шу заҳотиёқ кўздан ғойиб бўлди. Бир лаҳза ўтмай унинг овози автомобил¬ларнинг шовқинида йўқолиб кетди.
У ЮБТКнинг бош бошқармаси томон аста кетиб борар экан, бегона бу муҳитда ўзи ёки бошқа бирорта софдил одам яшай олармикин, дея хаёл сура бошлади. Кутилмаганда, қандайдир мураккаб туйғулар билан бирга хаёлида Виржиниянинг сиймоси пайдо бўлди.
У телефон будкасига кириб, идорасига қўнғироқ қилди, бироқ шу заҳоти гўшакни тутқичга қайта илиб қўйди. Йиғилишдан кейин, йўқ, яхшиси, банкдан қайтаётиб, қўнғироқ қиламан-да, бирор ерда ўтиришга таклиф этаман, деб ўйлади. У иккаласи нималар ҳақида гаплашишини аниқ тасаввур қилолмасди. Ҳаммаси тамом бўлганга ўхшарди. Бироқ уни бирон жойга чорлаб, гаплашиб олса, ўзига яхши бўлиши аниқ. Ҳатто рад этган тақдирда ҳам, ўзини қўлга олиши осон кечади.
У бир сониягина хона деворига суяниб турди. ЮБТК эшиги ёнига яна битта машина келиб тўхтади ва ундан учта кекса директор тушди.
Қизиқ, деб ўйлади Палмер, бу кекса жентльменлар бугунги йиғилишнинг асл сабабини билармикин? Келадиганларнинг айримларидан бошқа бирортаси Палмер қилишга мажбур бўлган хиёнат, ёлғон, товламачилик, пора воситасида ўзига оғдириш ва тазийқ ўтказиш турларини ва тазийққа қарши уюштирилган ҳийла-найранглар, устамонликлар борасида шубҳа қилармикан, буларни сезармикан?
Улар ўз вице-президентларининг ёш мулойим чеҳрасида ҳаддан ташқари ақлли, етук, маълумотли оқ танли протестантни, манфаат унадиган ишда ҳар қандай хизматга шай инсонни кўра олганмиканлар? Ё уларнинг тасаввурида фитначи, ёлғончи ва хоин сиймоси гавдаландимикин? У мажбуран бажарган бошқа ролларни кўриш учун лоақал биронтаси артистларга хос саҳна орқасидаги ҳаётга кўз қирини ташлай олдимикин?
Палмер телефон хонасидан қараб турар экан, уларнинг бирортаси ҳам ўзига боғлиқ бирон-бир жиҳатни пайқамаганлигини сезди. Ҳатто Бэркхардт ёки Лумис ҳам маҳорат билан уюштирилган найрангнинг майда-чуйда тафсилотлари, ёлғон-яшиқ иплардан тўқилган тўрини кўришдан ожиз эдилар. Улар ўз тасаввурларига мос келадиган одамдан бошқасини кўришга қобил эмас эдилар.
Кутилмаганда Палмер улар ўзларича ҳақ эканлигини ҳис қилди. Ўзи ҳам ана шу одамлардан бирига айланиб қолган эди. Ва ниҳоят...
У телефон хонасидан чиқиб, аста-секин банк томонга қараб юра бошлади.
Чорраҳага келганда Палмер ҳеч кутилмаганда кўча ўртасига ўзини урди. Қулоқлари остида автомобилнинг ваҳимали чинқириғи янгради. Палмер ҳеч нарсага эътибор бермай юриб бораверди. Қўланса дарё ҳиди димоғига тўлиб кетди.
Палмер гаванга орқа ўгирди ва уфқнинг нотекис чизиғига тикилганча бундай серғалва ҳаётга яна қанча чидай оларкинман, деб хаёлан ўзидан сўради. Эдис билан бирга бу даҳшатли шаҳарда шод-хуррам яшай оламизми, деб ҳам ўйлади. У Мичиганнинг сокин кўлларини, қалин ўрмонзор тепаликларини эслар экан, ёзни қандай ўтказамиз, деган ўй хаёлидан ўтди. Аммо биронта саволга жавоб топа олмади.
Молия бинолари жойлашган худуддаги қоядек тиккайган силлиқ оқ мармарли баланд бинолар устида яна битта қоя пайдо бўлди: ҳаво ҳарорати ва вақтни билдирувчи жадвал милтиллай бошлади.
У қўлларига кўз югуртирди: кичкинагина ўткир, қорамтир занг бўлакчалари кафтларига ёпишиб қолибди. У кафтларини бир-бирига ишқалаб, тозалади.
Бироқ, жаноблар, менинг ёшимда ҳеч ким истеъфога чиқмайди-ку, деб ўйлади у шу аснода. Мен пианино чалмайман, марка йиғмайман, суратлар чизмайман-ку.
Палмер ниҳоят банкка кирди, эшик оғаси таъзим қилиб, салом берди. Палмер жилмайиб, бош ирғади ва тилла суви ҳамда яшил ранглар қоришиб кетган бу баланд улуғвор кошона остонасида бир лаҳза туриб қолди. У тинимсиз чиқиллаётган ҳисоблаш машиналарининг ғувурига қулоқ солди. Бир текис чиқаётган овозлардан машина жамғарма ҳисобларининг бир чораклик карточкаларини санаётгани ва чоп этаётганини англади.
Унинг юзидаги табассум секин-аста йўқолиб борди. Кўпчилик хизматчилар уни нималарга қодирлигини англаган ҳолда эҳтиром билан кузатиб туришганини ҳис қилган кўйи лифт томон йўл олди. У, айни замонда, ҳозирги кўриниши ҳаммада ишонч уйғотадиган даражада эканлигини ҳам билиб турарди. У банк билан бирга юксалиб бораётганга ўхшарди.
Ва ниҳоят, унинг не чоғли ишларга қодир бўлган ақли, куч-қудрати фақат мана шу довонда тўхтаб, толиқиб қолмаса бўлгани...

Роман жузъий қисқартишлар билан босилди.


Русчадан
Файзи ШОҲИСМОИЛ,
Амир ФАЙЗУЛЛА,
Шаҳзода ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Жаҳонгир АБДУЛЛАЕВ
таржимаси.

________________________
Р у м п е л ь — кеманинг руль пишанги.
Я р д — 0,91 метр.
П р и ч а л — қайиқлар тўхтагач, қозиқ-устунларга боғлаб қўйиладиган махсус жой.
Биржа акциялари нархи кўрсаткичи.
К л и м а к с — жинсий безлар фаолиятидаги ўзгариш.
ЮБТК — «Юнайтед бэнк энд траст компани».
Б а н к н о т —  банк томонидан чиқариладиган ва пул ўрнида юрадиган  фоизсиз кредит чиптаси.
К л е р к — ёзув-чизув ишларини олиб борувчи хизматчи.
Ф у т — 30,48 см.
М и л — 7420 метр.
А к т и в — баланснинг кирим, даромад ва моддий бойликлар қисми.
И е р а р х и я — қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга босқичма-босқич бўйсуниши.
W i e  g e t h ’ s — Аҳволлар қалай? (немисча).
S e i d   g e s u n d — Саломат бўлинглар (немисча).
“W h o ’ s   w h o” — сўзма-сўз “ким аслида ким” бўлиб, таниқли арбобларнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлардан иборат китоб.
Р о т а т о р — қўлёзма ва ҳужжатларни кўпайтирадиган махсус аппарат.
И п о т е к а — кўчмас мулкни гаровга олиб бериладиган қарз.
Т и ж о р а т   к р е д и т и — савдо-сотиқ учун насия, қарзга пул бериш.
М е т р д о т е л ь — бош ошпаз.
А н г л и к а н — протестант динининг Англияда тарқалган мазҳаби.
* Кўзингга қара!
* Лотин Америкасида Шимолий америкаликларни шундай аташади.
* Брехтнинг “Уч лиралик опера” пьесаси қаҳрамони.
* Сиз хафамисиз?
* Немисча гаплашаяпсанми?
* Эски уруш.
* Иккинчи.
* Французчада спортга оид сўз бўлиб, “Таслим бўлдим”, “шаҳар бердим” каби маъноларни англатади.
* Маркиз Квинзберри XVIII асрда ҳаваскор боксчилар жамиятига асос солган ва спортнинг бу турига қатъий қоидалар ишлаб чиққанди.
Т а м м а н и — Нью-Йоркдаги демократик партия ташкилоти. “Йўлбарс” — шу ташкилот лақаби.
* Официантларнинг овқат ва идиш-товоқ ташийдиган қутисимон аравачаси. (Тарж.)   
* Исботталаб нарса (лот.).
* Стоун оғирлик ўлчови (ингл.) — 14 фунт-64,4 кг. Фунт — 453,6 г.
* Тавба-тазарруга иккинчи даражали нарса деб қарайдиган диний ўйнаш.
* Вақтинчалик қўналға (франц.).
* Бу ерда! Шундай (нем.).
* Эски дўст (нем.).
* Биласанми? (нем.).
* Сўниб бўлган (нем.).
* Спидометрдаги рақамлар милни кўрсатади; бир мил 1603 м. га тенг.
* Ишлар қалай? (Нем).
* Шундай эмасми? (нем).
* Душанбагача, эски қадрдоним, душанбагача (нем).
* Кўп (исп).