forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => O'zbek nasri => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 11 Avgust 2008, 08:30:32

Nom: Erkin A'zam. Chapaklar yoki chalpaklar mamlakati (qissa)
Yuborildi: AbdulAziz 11 Avgust 2008, 08:30:32
Chapaklar yoki chalpaklar mamlakati (qissa)

(http://www.ziyouz.com/images/books/chapaklar2.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=238)

Muallif: Erkin A'zam
Hajmi: 218 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=238)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=2804.0)
Nom: Re: Chapaklar yoki chalpaklar mamlakati (qissa). Erkin A'zam
Yuborildi: shoir 05 Dekabr 2009, 11:28:31
(http://www.ziyouz.com/images/books/chapaklar1.jpg)

   Эркин Аъзам

ЧАПАКЛАР ёки ЧАЛПАКЛАР МАМЛАКАТИ

   Коммунизмдан репортаж
   
   Қисса
   
ЖАҲОНГАШТА ЗАНЖИНИНГ САБОҒИ

   Социализм шароитида ўтаётган олтинчи кунимиз эди.
   Сизу биз бу тузумнинг нималигини биламиз, албатта — нон-намагини еб катта бўлганмиз. Аммо ҳозир кўз ўнгимиздагиси буткул бўлакча эди. Ўзига хос. Аввалгиларига ўхшамас. Бу мамлакатда шу тузумнинг отаси ҳам, онаси ҳам, соҳибу раҳнамоси ҳам биргина киши — тамал тошини қўйган ҳам ўзи, барпо этган ҳам ўзи, ўлгудек баҳраманд бўлиб келаётган ҳам ўзи. Сўз улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен устида кетаётир. Бу юртда ҳар бир тошу ҳар гиёҳ шу зотнинг уч бўғиндан иборат шарафли номи билан боғлиқ. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Асло.
   Қарға булбул бўлолмас. Бўламан деб бути йиртилибди. Бўламан деб бўғилиб ўлибди. Йўқ, қарға булбулга ҳавас қилиб зағчага айланиб қолганмиш. Бу таъбиру таққослар нечоғли ўрнига тушди ё тушмади — бошқа масала. Гап бунда эмас ҳозир. Бироқ ҳар қандай нусха, тақлид кўпинча аслиятдан ёрқинроқ, мукаммалроқ, айниқса, сердаъво бўлиши аён. Гоҳо шу қадарки, аслиятга хос моҳият ҳув четда қолиб кетиб, тамомила ўзгача бир манзара дунёга келади. Аслиятдан хабардор кимса, хабардори нимаси — қарғадан булбул ясамоққа уринган, уни тарбиялаб оёққа қўйгунича жигарлари хун бўлган, гоҳ минг турли ҳийла-найранг билан, гоҳ зулму зўрлик билан унга хониш ўргатган зот, дейлик “халқлар отаси” аталмиш мўйловдор доҳий бу манзарани кўрса борми, эҳтимол, аввал азбаройи мамнуният (ўттиз йиллик заҳматларининг бир меваси-да!), жонажон трубкасини ҳузур билан бир тортиб қўйиб, «Да-а! Харашо, тавариш Хон Ман Мен!» деган, сўнгра эса, учлари тутундан сарғайган шопдек мўйловини алам ва надомат билан шартта юлиб ташлаган бўларди: «Мен ҳам юрган эканман-да, алоҳида бир мамлакатда социализм қурдим, деб!»
   Ана шундай ҳасад қилгулик социализм неъматларидан баҳраманд бўлиб (муболаға ёки киноя қилинаётгани йўқ) яшаётганимизнинг олтинчи куни эди. Тушлик маҳали қўшни столдаги африкалик занжи биз томонга бот-бот назар ташлаб қўяётганини сездим. Ўзи қоп-қора, либоси ундан-да қора, лекин башанг. Бўйнидаги қимматбаҳо ипак бўйинбоғининг узунлигидан чамалаганда худо бўйдан ҳам берган бўлса керак. Девқомат. Аслзодаларга хос бир виқор билан талтайиб ўтирибди. Бармоғида алламбало сербар узук, ҳолсираган каби оғзини каппа-каппа очиб сигарет тутатади. Иккинчи қўлидаги залворли узунчоқ идишдан «биа» ҳўпларкан, тилла кўзойнагининг қалин, кўкимтир ойнаси оша бизга қараб-қараб қўяди. Сезишимча, айнан бизга эмас, негадир менинг пижагим ёқасига тикилгани тикилган. Мен ҳам текин, бебилиска «биа»дан ҳўплайтуриб, зимдан секингина ёқамга кўз ташлаб оламан. Ўзбекистон байроғининг ўша кезларда эндигина чиққан митти тасвири — значок. Шунга қараяпти шекилли. Нима керак экан?
   Денгиз неъматларининг ҳидига тўла емакхона кечаги турфа мижозларини қўмсаган каби руҳсиз ҳувиллайди. Тўрдаги узун столда Озодлик оролидан дўстона ёрдамга келган таржимонлар гуруҳи худди ўз уйидек бемалол (дарвоқе, дўстининг уйи — ўзининг уйи-да!) шовқин-сурон солиб овқатланаётир. Серзавқ давра — ярми эркак, ярми аёл. Жами ўн тўрт киши. Ўн тўрт тилнинг билимдонлари. Барининг истараси иссиқ, бари алланечук жўшқин, қувноқ. Бир-иккитаси мусулмонга ҳам ўхшайди. Арабзабони қайсиси экан? Анови, столнинг учида тўсдек қорасоч, қорамағиз жувоннинг кифтидан қучиб сигара бурқситаётган тепакалу қиррабуруни эмасми? Ўзи ҳам араб-параб бўлса керак, кўзининг оқидан маълум. Шуларга маза, бу ер ўз уйидек гап, зерикса — биқинида елкасига қўл ташлайдигани бор. Кўпчилик. Еган-ичганлари — ҳотамтой биродарларининг бўйнида. Баъзилари уйидан ҳам, оиласидан ҳам безор бўлиб келгандир. Яйраб-яйраб кетади. Озодлик оролининг одамлари. Озод, эркин одамлар. Бу ерда ҳам ўзларини шундай тутишади — озод, эркин. Ватанларида-чи, ватанларида қандай?
   Саройдек келадиган бу муҳташам ресторандаги бор-йўқ хўранда шугина эди. Қолганлар кеча жўнаб кетган. «Учинчи дунё» мамлакатлари қалам аҳлининг навбатдаги нечанчидир анжумани якун топдию ҳамма юрт-юртига қайтиб кетди. Анови оролликлару манови олазарак башанг занжидан бошқа яна икки кишигина қолган: мену товариш Бахтиёр. Бутун бошли ресторанда. Йўқ, бутун бошли мусофирхонада. Икки қанотдан иборат, қирқ беш қаватли осмонўпар азамат бинода. Пойтахтдаги энг маълуму энг машҳур мусофирхонада. Бор-йўғи икки мусофир. Йўқ-йўқ, бутун бошли мамлакатда. Дарвоқе, бу орада улуғ ҳомийлари бўлмиш қўшни ўлкада истиқомат қиладиган ўзларига ўхшаш бодомқовоқ собиқ ватандошлари — бир гуруҳ қари-қартанг ҳам зиёратга келиб кетди. Бўйинларига фотоаппарат осган, кампиршолари шим кийган (бу ерда расм эмас, ҳатто қатъий тақиқланган) бу ажнабий сайёҳлар икки кунми туриб, мусофирхона толорлари бўйлаб анқайиб юриб, ўзаро чувур-чувурлашиб, ёш болалар каби саф-сафлашиб белгиланган манзилларини кўриб, лекин ҳеч нарсага тушунмай, бирорта ҳам жўяли сурат ололмай, ҳайрон бўла-бўла қайтиб кетишди. Бу ерда қолгани яна ўзимиз бўлдик — мену товариш Бахтиёр. Икки мусофир. Олис-олислардан келган икки ночор мусофир. Бутун бошли улкан мусофирхонада. Йўқ, бутун бошли Чапаклар мамлакатида. Сабаби не, буни айтинг, товариш мухтор вакил?
   Масалага сиёсий тус бериб ваҳима қилманг, товариш Эркин ака! Бизга ўхшаб қийиқкўз эмассиз-ку, кўзингизни каттароқ очиб қаранг! Атрофингизда бошқалар ҳам бор! Масалан, мусофирхона хизматчилари, юздан ортиқ одам! Бари сизнинг, сиз азиз меҳмоннинг хизматида, билиб қўйинг!
   Анжуман тугаб, аҳли меҳмон жўнаб кетганидан бери аҳвол шу. Кунда уч маҳал тамадди қилгани шу ерга кирамиз. Ейдиган таомимиз бир хил, аниқроғи, луғат бойлигимизга яраша. Яъни — денгиз неъматлари, балиқ, балиқ ва яна балиқ: қовурилган, қайнатилган, буғланган, бижғитилган ва ҳоказо, лекин бари балиқ. Гоҳо-гоҳо қисқичбақаю чувалчанглар ҳам аралашиб туради. Илож қанча, денгиз неъмати! Чучваранинг хомини ҳам, пишганини ҳам уйингизда ейсиз! Буюртмани товариш Бахтиёр беради. Мен унга умид билан тикиламан: ёш, ўрисча ўқиган, инглизчани ҳам билса керак. У келганимиздан бери аллақандай луғатни ёнидан қўймайди, бироқ овқат маҳали бор билими эсидан чиқиб кетадими, нуқул — «фиш» (балиқ), «чикен» (қовурма жўжа гўшти), «ти» (чой) ёки «биа» (пиво). Кўр бўлларинг! Яшасин «иккинчи она тилимиз» — ўрис тили!
   Ҳар гал емакхонага кираётганимизда икки букилиб таъзим билан жилмайганча «Саида» кутиб олади. Қўлидаги баркашчада буғи чиқиб турган нам сочиқчалар. Таом олдидан қўлларимизни покизалаб олишимиз лозим. Дуруст. Ўзимиздагидек. Сўнг яна бир тизза букиб, ичкарига ишора қилади: «Дастурхонга марҳамат этсинлар!» Буниси ҳам тузук. Овқат маҳали ҳам эшик олдида қаққайиб, хўрандаларнинг имосига маҳтал ҳолда туради. Баракалла. Биз у билан алланечук қадрдон бўлиб қолганмиз. Биринчи кунданоқ. Унга кўзим тушганда мен, одатимча, худди ёш болани кулдирмоқчидек жўрттага афтимни буриштираман. «Саида» бунга жавобан шундай ёқимли жилмаядики... Э, яшанг-э, Йўлдош ака, коинот кемалари баҳона, бир ғайрат қилиб шу ёқларга ҳам келиб кетган экансиз-да!
   Саида — қўшним Йўлдош аканинг қизи. Жуда серғайрат, ўғил болага ўхшаган қиз. Мактабда катта ўғлим билан бирга ўқиган. Йили — от. Кайфиятим қандай бўлмасин, кўча-кўйда уни кўрсам, дилим ўз-ўзидан ёришиб, афтимни боягидек буриштириб гўё майна қилган бўламан, у ҳам худди шундай жавоб қилиб жилмаяди. Отаси билан тенгдош, хийла қадрдон эдик. Бир-биримизни «ака-ака»лаб иззат қилардик. Жуда уддабурон, ёвқур йигит эди раҳматли. Ҳовлидаги барча юмуш-юришларнинг бошида турарди. Тўсатдан қони айниб, девдек йигит, муштдек бўлиб қолди. Бир йилга етар-етмас оламдан ўтди. Коинот кемалари учириладиган жойларда хизмат килган экан, боёқиш.
   Хўш, Саида қандай келиб қолди бу ёқларга? Ё бу «Саида» у ёқларга бориб қолганмикан? Бир-бирига ўхшаган одамларнинг феълида ҳам ўхшашлик бўларкан-да, тавба. Бунинг ҳам йили от бўлса, бунинг ҳам оти «с»дан бошланса ажаб эмас. Лекин буни сўрайдиган мард қани? Товариш Бахтиёрнинг эса ҳоли маълум: чикен, пикен, фиш, биа. Ҳе, ўқиган ўрисчангдан аканг!
   «Саида»га қарайману Саидани эслайман, Йўлдош акани, Қорасув мавзеидаги ҳовлимизни, уйимни, болаларимни... Меъдамга уриб кетган денгиз неъматларини нари сураман — иштаҳам бўғилган.
— Ҳа, бўлмадими?
— Луғатни пухтароқ ўрганиш керак, товариш Бахтиёр! — дейман таънаомуз ўпкалаб.
— Қачон кетишимиз луғатда ёзилмаган, — дея ўзини ҳимоя қилган бўлади бечора товариш Бахтиёр.
Бир хил таом, бир хил манзараю манзиратлар нақадар одамнинг меъдасига урган бўлса, емакхона бўйлаб пинҳона карнайлардан муттасил таралиб турадиган аллақандай қўшиқ ҳам шундай зериктирган. Ҳолбуки, майин мусиқа оҳанги, ёқимли аёл овози. Лекин алланечук жунжиктирарли, юракни аёвсиз ғижимлайди, эза-ди; олис, бегона бир юртлар дарди, нафасидан садо беради. «Ватан обод, халқлар озод, ҳамма бахтиёр» — мазмуни тахминан шундай бўлса керак.
   Ора-орада жўшқинроқ бир ялла ҳам янграб қолади. Бу — дўст оролликларнинг юртида туғилган қўшиқ, ўшаларнинг кўнгли учун ҳавола этилаётир. «Янги дунё» эпкинларига бир қадар ҳамнафас, шодмон, беғамроқ бу қўшиққа серзавқ давра баравар жўр бўлиб, емакхонани яллахонага айлантириб юборади. Андаккина расмиятдан чиқилса зир титраб қоладиган мезбонларга ороллик биродарларининг бу каби эркаликлари унча малол келмайди шекилли, беозор илжайиб таъзим қилиб туришаверади.
   Толорнинг энг кўркам, энг кўринарли жойида шундай фаровон, шундай бахтиёр ватаннинг ижодкорлари бўлмиш олийшаън ака-уканинг ҳашаматли портретлари ёнма-ён турибди. Ҳаммаёқда шу тартиб — улуғ доҳий чап томонда, унинг жигари, издош-ғоядоши, барча лавозимлардаги ўринбосари, «севимли раҳбар» Мен Хон Ман ўнг томонда. Ака ҳарбий френчда, ука замонавий кийим-бошда. Тарихий хизматларига қараб-да. Ака ватан озодлиги йўлида қон кечган, курашган; ука тинч қурилиш йилларида раҳбарлик қилмоқда. Уни «севимли раҳбар» деб атайдилар. У ёшларга, айниқса, қизларга севимли. Уларга сочини калта қилиб қирқишга рухсатни шу берган-да. Инқилобий курашларда тобланиб, ҳамон даққи қарашлар қули бўлиб келаётган акасини ҳам шу кўндирган: келинг, жигар, шу қурғурлар сочини кесса кейақолсин, битта-яримининг узунроқ кокили оёқ-поёғига ўралишиб, янги жамият қуришимизга халал бермасин!
   Хуллас, ёшларнинг ҳали ундан умиди зўр.
   Бир маҳал қора қуюндек бир бало бошимга бостириб келиб, ёқамга ёпишди. Бояги занжи. Роса машқини кўрган эканми, бир ҳамла билан кўкрагимдаги Ўзбекистон рамзи туширилган нишонни юлиб олди. Бу ҳол шу қадар кутилмаганда, шу қадар бетакаллуфлик билан содир этилдики, ҳангу манг қолишдан ўзга чора йўқ эди. Занжи бизга мутлақо бепарво, қўлидаги нишонни ҳарислик билан айлантириб кўздан кечираркан, инглизчалабми нимадир деди. Товариш Бахтиёрга қарадим. У елка қисди: фиш-пиш, чикин-пикин, вас-салом. Бетакаллуф меҳмонимиз бизнинг «соқов»лигимиздан таажжубланиб, бошқа бир тилга ўтди. Французча, испанча... қўйиб берса, жаҳондаги барча забонда чулдираб чиққудек! Шугина билган нарсани биз билмасаг-а!
   Ғалати одат: бирор ажнабий билан сўзлашганда одам негадир ўзи билган тил, дейлик, ўрис тилида жавоб қайтаради. Бу ҳам майли, худди суҳбатдошингиз кардек бирдан бақириб гап уқтира бошлайсиз: гўё у тилингизни билади-ю, лекин қулоғи оғирроқ; гўё шундай қилинса, у тилни билса-билмаса, тушунадигандек!
   Яшасин «иккинчи она тили»миз! Ўлгур занжи бу тилдан ҳам хабардор экан. Тўғри, янтоққа судраброқ гапирар экан-у, лекин майли-да. Тамбовми, Саратовдами ўқиган эмиш. Ётоқхонага қўшни сут маҳсулотлари комбинати ёки тўқимачилик фабрикасининг шўх-шаддод қизлари бу тур ажнабийларга ўчроқ, умуман, улар бошқа тиллардан дарс бермоққа ҳам уста бўлади.
   Ўзбекистондан эканимизни эшитгач, занжи кўзи чақнаб хитоб қилди:
   — О-о, Тошкент! Бўлганман, бўлганман. Кинофестивалга борган эдим. Зўр шаҳар. Роса яйраганмиз!
   Бўлса бордир: ахир, қора Африкадан вакил қатнашмаса, фестиваль — фестиваль бўладими! Яйрагани ҳам рост: келган меҳмонни биз — оқ бўладими, қора бўладими — бошимизга кўтармай қўймаймиз.
   Ҳозиргина бало мисоли бўлиб турган одам кўзимизга чўғдек кўриниб, меҳримиз товланиб кетди: Тошкентда бўлган экан, Ватанимизни кўрган экан! Бу олис мусофирлиқда у баайни Ватанимиздан бир мужда келтиргандек унга нисбатан кўнглимизда бир илиқлик пайдо бўлди.
   Занжи Тошкентни таърифлай-таърифлай, шунинг эвазигами, нишонимни кўкрагига тақиб олди. Сўраш йўқ, бир оғиз «совға қил» демоқ йўқ. Айтишича, унда дунёдаги барча давлатнинг нишонлари бор экан. Значок жинниси эмиш. Ўзиям бормаган, кўрмаган юрти қолмабди ҳисоб. Майли, Ўзбекистонимиз шу жаҳонгашта занжининг кўксида ҳам жаҳон кезсин!
   Суҳбатдошимиз кино арбоби экан. Арбоблиги рост шекилли — ижодкор бўлса, дунё кезмоққа вақти қайда! Самолёт пойлаб қолган эмиш. Эртага Брюсселгами, Копенгагенгами учиши керак. Кинофестивалга!
   Бу гапдан товариш Бахтиёр оҳ тортди, мен уҳ тортдим. Қандоқ бахтиёр занжи! Хоҳлаган пайти хоҳлаган томонига кета олади!
   —   Бу ер жонга тегиб кетди, — деди занжи ҳасрат қилиб. — Дунёда бунақа зерикарли мамлакатни кўрганим йўқ!
   У мен олти кундан бери бош қотиравериб тополмаган гапни жўнгина ифодалаб қўйган эди.
   Сўнгра бу жаҳонгашта занжи билан дунёдаги турли мустабидлик тузумлари тўғрисида баҳслаша кетдик. Мен Африкаю Америкадаги ирқчилик, апартеид балоларидан сўз очиб, писанда қилган бўлдим.
   —   Йўқ, — деди суҳбатдошим кескин бош чайқаб. —Бунақаси ҳеч қаерда йўқ... Шошманг, бор, яна биттаси бор, — дея у ақидапарастлик тузумига асосланган Шарқ мамлакатларидан бирини тилга олди.
   Буни қарангки, иттифоқо, бултур мен ҳам худди ўша мамлакатда бўлган, беҳад қаттиқ таъсирланиб қайтган эдим. Таассуротларимизни ўртоқлаша бошладик.
— Сиз бунақа тузумлар бўйича тузуккина мутахассис бўлиб қолибсиз, — деди суҳбатдошим лутф билан кулимсираб.
— Йўқ, бунга ҳали эрта, — деб оролликлар томон ишора қилдим: — Ҳов ановиларнинг юртида бўлмаганман.
— Янглишасиз, у ўзгача мамлакат, — деди занжи эътироз билдириб. — Қўшниси кимлигини биласиз!
Чиндан ҳам оролликлар биз муҳокама этаётган мамлакат фуқароларига асло ўхшамас, ўзларининг шарафига қайта-қайта эшиттирилаётган қўшиққа баралла жўр бўлиб, ресторанни бошларига кўтариб хурсандчилик қилмоқда эдилар.
...Кейин, Московга қайтганимизда элчихонадаги билгич дипломат дўстлар устимиздан роса кулишди: «Вой нодонлар-эй, келиб-келиб ўшанақа жойга сафар қиладими одам?»
   Начора, насибамизда буниси ҳам бор экан: ўн кун ўша ёқларда тентирамоққа тўғри келди. Қайси мамлакатга сафар қилмоқ фойдали-ю, қайсиси зарарли эканини сиз — дипломатлар яхши биласиз. Биз буни кўзлаб йўлга чиққанимиз йўқ эди. Бизники кўнгилхуши саёҳат эмас, хизмат сафари эди. Бундан нима ютдиг-у, нимани ютқаздик — ўзига аён.
   Лекин, тўғрисини айтганда, шахсан менинг бу сафардан кўзлаган пинҳона бир илинжим ҳам бор эди-ки, у ҳақда ўрни келганда сўзланар...
   Дипломатларнинг маҳобат қилиб гапиришича, анжуман тугагунга қадар биз уларнинг назоратида туриб, сўнг бирдан сирли равишда ғойиб бўлиб қолганмишмиз. (Модомики фуқаронгиз эканмиз, қидиринг эди, сўраб-суриштиринг эди — касбингиз шу-ку!) Бу ҳолдан қаттиқ ташвишга тушган Бахтиёрнинг — ҳали унинг «товариш» бўлиб кетганидан бехабар - отаси Тошкентдан туриб эски «алоқа»ларини ишга солиб, ҳатто халқаро манзиллар бўйлаб бизни роса қидиртирибди. (Хайриятки, шу одам бор экан, бўлмаса, ҳамманинг эсидан чиқиб кетарканмиз-да!) Қизиғи шундаки, Буриёнинг Московдаги элчихонаси ҳам қайта-қайта сўровларга жавобан нуқул «елка қисиб» қўярмиш! Ҳазилми, чинми, «Афтидан, булар гаровга тушган ё бошқа бирор кор-ҳол рўй берган» деган гумон билан жаҳон жамоатчилигига овоза қилинишимизга бир баҳя қолибди! «Нима бўлди ўзи? Қаёқда қолиб кетдинглар бунча?»
   Ўшанда нима бўлган эди ўзи? Қаёқларда қолиб кетган эдик бунча?
   Рости, бу хотираларнинг ёзилишидан ёзилмаслиги аниқроқ эди. Сафар таассуротларимни эшитган ҳамкасб укаларимдан бири: «Ёзманг шуни, ака! — деб маслаҳат берди. — Борган жойимизни ё кўкка кўтариб, ё ерга уриб ёзавериш жонга тегди. Биламан, сиз бор гапни ёзишга ҳаракат қиласиз, лекин нимага керак? Ҳарқалай, шунча кун нон-тузини ебсиз. Ёзманг».
   Ёзмадим.
   Гоҳо давраларда жаҳонгашталикдан гап кетиб, ҳар ким ўзи борган-кўрган юртларидан нақл қилади. Мен ҳам «Тўйтепадан нари ўтмаган» хонанишин эмасман, дунёнинг талай кўча-кўйларини кўрдим. Аммо негадир ҳар гал ўша ўн кунлик сафар таассуротларидан сўз очавераман. Эшитган биродарлар «Э, шуни ёзмайсизми, роса қизиқ экан!» дея қўзғаб қолишади.
   Ёзмадим. Нима ҳожати бор? Уч:тўрт йиллик гап, хотиралар ҳам хиралашиб улгурган. Ёзмадим.
   Осмонни суяб турганига ҳам дунёни хатлаб бермас экан. Бу орада юз ёшларга яқинлашиб қолган улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен оламдан ўтиб, мамлакат халқи етим қолди. Юртда бир неча йиллик мотам эълон қилинди. Мотамга ҳам, етим халққа ҳам биров бош бўлмоғи лозим. Кутилганидек, «Сен етим эмассан!» дея халқнинг бошига «севимли раҳбар» товариш Мен Хон Ман чиқди. Улуғ оғасининг шон-шарафларга бурканган тарихий йўлини оғишмай, фидокорона давом эттирмоққа қасамёд қилди.
   Ёзмадим. Янги, ҳали навқирон «севимли раҳбар»дан қўрққаним, у ўзигагина маълум ғирром бир йўллар билан бу ёзмишларимдан хабар топиб, мамлакатлараро муносабатларга путур етишию (гўё бутун дунё менинг ўша тузум тўғрисида нима дейишимга кўз тикиб тургандек!) ўзим тағин анови ғирром усуллар билан бирон балога гирифтор этилишимдан чўчиганим учун эмас, албатта. Бу ёғи энди эски дард — танбаллик, ҳафсаласизлик. Ёзмадим.
   «Севимли раҳбар»нинг омади чопмади. Гоҳ мамлакатни сув босади, гоҳ товариш Мен Хон Маннинг арзанда қизи куёвига қўшилиб чет элларга қочиб кетиб, туғилган юртига қарата маломат тошларини отади. Хуллас, ҳув ажойиб замонлардаги тинчлик йўқ энди, хотиржамлик йўқ. Бамисоли булар бари улуғ доҳийнинг кўҳна вужуди билан бирга шаҳар марказидаги улуғвор мақбарага элтиб тиқилгандек.
   Кейинроқ радиодан яна нохуш хабар эшитдим: улуғ доҳийдан мерос қолмиш гуллаб-яшнаган социализм ўлкасида ёппасига очарчилик бошланибди, вабо тарқалибди. Баҳри муҳит ортидаги энг хавфли ғоявий ғаним ҳисобланмиш улкан мамлакатдан бу ерга инсонпарварлик ёрдами юборилаётганмиш. Бу ҳам ҳолва — улкан мамлакат дунёнинг қай буржида бирор ҳодиса рўй бергудек бўлса, мудом аралашувга тайёрлиги маълум. Энг шармандалиси шуки, очлик чангалида қолган мамлакат қон-қариндош миллатдоши, айни чоқда қон-қаттол душмани саналмиш ғарбий қўшнисидан мадад сўраётганмиш...
   Бундай хабарларни эшитгач, сафаримизнинг сўнгги тонги мусофирхонанинг йигирма олтинчи қавати деразаси олдида туриб кузатганим — пастдаги ҳовлилардан бирида беғам-беташвиш ҳалинчак учаётган қизалоқ, жажжи қизалоқ кўз олдимга келди негадир. Унга нима бўлди экан? «Саида»чи, доим жилмайиб турадиган таъзимкор «Саидам»? Яхшими, ёмонми, ўн кунлик диққинафас сафаримиз давомида эртаю кеч ёнимизда бўлган, биз билан тиллашган яккаю ягона зот — товариш Якнинг аҳволи не кечди экан?
   Жаҳонгашта занжи бу юртни «Дунёдаги энг зерикарли мамлакат» деган эди. Ростдан ҳам шундаймиди? Дарвоқе, нимаси зерикарли эканининг ўзи қизиқ эмасми?..
   
   ТОВАРИШ ЯК, ТОВАРИШ БАХТИЁР ВА ТОВАРИШ МЕН (ЎЗИМ)
   
   Мен ҳеч қачон коммунистлар сафида бўлмаганман ва ҳеч ким менга «товариш» деб расман мурожаат этмаган. Бироқ социалистик Буриёда кечган ўн кунлик сафаримиз мобайнида мен ҳам, ҳамсафарим Бахтиёр ҳам «товариш» бўлмоққа мажбур эдик. Бизни бу фирқага ўзича аъзо қилган ҳам, «товариш»га айлантирган ҳам мезбонимиз — тилмоч ва роҳбонимиз, чин эътиқодли товариш Як бўлди.»
   Ўзбек тилида «ўртоқ» деган сўз бор. Бу калима инқилобдан илгари ҳам бўлган. Дўст, биродар, жўра дегани. Шўро замонига келиб коммунистлар ана шу сўзни «товариш»га айлантирмоқчи бўлдилар. Чамаси, бу иборанинг асл мазмунини товариш коммунистларнинг ўзи-да яхши тушунмаган ва ёки маслақдошлар орасида у анчайин бир шартли ўрон бўлган, холос. Шунинг учунмикан, улар бир-бирининг кўзига чўп суқишдан, биров-бировини чалишдан, сотишдан асло тортинмаган. Ҳақиқий ўртоқ ҳеч қачон бундай қилмайди-ку! Бизнингча, «товариш» тушунчасини ўзбек тилида ифодалаш имконсиз, унинг таржимаси йўқ ва бўлиши мумкин эмас; «ўртоқ» маъносида олингани эса — ўлганнинг кунидан, тамом. Шу масалада ўзбек тили чиндан ҳам «иккинчи она тилимиз»дан қашшоқроқ, эътироф этмоқ даркор.
   «Товариш» сўзи коммунистларга ярашади, комму-нистлар — «товариш» сўзига. Бошқа гап йўқ.
   Аэропортда пешвоз чиққан ғоявий ҳушёр товариш Як бизни бир зумда ўзига ўхшатиб олди: Бахтиёр — товариш Бахтиёр, у мени «ака» дегани учун мен — товариш Эркин ака.
   Мезбон даставвал менга кўл узатди, мен билан саломлашди. Кейин ҳам жами илтифоту мулозаматнинг қуюғи менга бўлди. Бахтиёрдан ёшим каттароқ экани, сочимга оқ оралаб қолгани учунгина эмас, йўқ, бунинг бошқа сабаби бор эканки, ўрни келганда айтаман.
   Ўзини танитишича, товариш Як хорижий ишлар вазирлигидан экан. Чамаси, бошқа жойда ҳам хизмат қилса керак. Ўрисчани бир ўрисдан яхши билса биладики, асло кам эмас. Бир-икки бор Россияда бўлган ҳам, у ерда кечаётган жамики ўзгаришу янгиликлардан бохабар, лекин дунёқарашида заррача оғиш йўқ — собит. Унинг фикрича, Россия коммунистлари — шонли социализм ғояларини империализмнинг сарқити бўлмиш кока-колаю пепси-колага алмашган ялоқхўр сотқинлардир, вассалом. Бир кун эмас, бир кун бу шармандали қилмишлари учун тарих олдида жавоб беришлари муқаррар!
   Товариш Як яқин ўтмишимиздан бизга таниш комсомол арбобларининг айнан ўзи эди. Ҳамма саволга жавоби тайёр. Бир қолипда. Мурвати бураб қўйилган темиртан дейсиз гўё. Аммо ноқулайроқ савол бериб қўйсангиз, астойдил ранжийди: биз сизларга шунчалик иззат-икром кўрсатсаг-у, сизлар эса — ай-яй-яй!
   Бу тўтиқушнинг гаплари гоҳо шу қадар энсани қотирардики, бора-бора ўзимни тия олмай, чимдиб-чимдиб гапирадиган бўлиб қолдим. Кейин-кейин ошкора заҳархандага ўтдим. Бундай пайтда у ҳам кинояомуз ўшшайиб қўярди: ҳаҳ нодон-а, ҳаҳ бузуқ дунёнинг ғофил нусхаси-я! Шунча йил социализмда яшаб, унинг афзалликларини англаб етмаган нонкўр, ношукр ёки очиқдан-очиқ — капитализмнинг малайи!
   (Яқин ўтмишда ўзимизда ҳам серсаволроқ одам шаккок, ғаламис ҳисобланар, пешонасига «сиёсий кўр», «онгсиз» деган тамғалар босилар эди.)
   Бундай муносабатларимизнинг оқибати шу бўлдики, товариш Як энди мен, яъни делегация раҳбаридан безиллаб, бор-йўғи делегация аъзоси бўлмиш ювош, камсуқум товариш Бахтиёр билан муомала қиладиган бўлди. Дейлик, бирор маслаҳат чиқиб қолса, у аввал товариш Бахтиёрга айтади, товариш Бахтиёр кейин менга «таржима» қилади. Бу ҳол одатий рисолага мутлақо зид эди, аммо начора — қалтис вазиятда рақиб билан муросага бормоқнинг бошқа йўлларини ҳам қидирмоққа мажбурсиз.
   Орани юмшатиш мақсадида бир куни захирамдаги туршагу майиздан (умрида кўрмаган неъматлар!) каттагина бир тугун ясаб унинг қўлига тутқаздим: «Бола-чақангга олиб борарсан, совға». «Менинг бола-чақам йўқ! — деди у аскарларга хос бир ўктамлик билан дона-дона қилиб. — Ва умуман, бизда бунақа садақалар расм эмас. Сизга маслаҳатим: бошқаларга бунақа қилакўрманг!»
   Бу гапга ишонай деган эдим — ҳарқалай, покдомон социалистик муносабатлар-да — буткул ёлғон бўлиб чиқди. Анжуман ниҳоясида ўзаро совға-салом алмашув шунчалик авж олдики, улуғ доҳий зиёратига қуруқ қўл билан борган бизнинг делегация (тов. Бахтиёр ва тов. мен) хижолатдан қочишга жой қидириб қолдик. Қаватма-қават югургилаб шойи боғичли турли-туман қути — совға улашувларни кўриб бошингиз айланиб кетарди. Хайриятки, улар асосан ўзларига ғоядош томонлар билан олди-берди қилишар экан, холос. Биз эндигина мустақилликка чиқиб, ўзаро муносабатларимиз ҳали тайин этилмаган бўлса-да, ҳар эҳтимол, товариш Як улуғ доҳийга атаган бирор нимамиз борми-йўқлигини суриштирди. Кўлимизни бурнимизга тиқиб турганимизни кўриб, қулочини мужмалгина икки ёнга ёзиб қўйди: ўзларингдан кўринглар, совғадан қуруқ қолдинглар!
   Лекин холисанлилло айтганда, товариш Якнинг бояги тахдидли маслаҳатида озроқ жон ҳам бор экан. Кунда-кунора кийим-кечагимизни ярақлатиб ювиб, дазмоллабу оҳорлаб қўядиган мусофирхона хизматчисига, миннатдорлик сифатида, товариш Як рад этган майиз-туршагимни ҳадя этмоқчи бўлганимда, шўрлик аёл безгак тутгандек деворга қапишиб қолди: йўқ, йўқ, йўқ! Сафаримиз қариб, кетар чоғимиз мени неча кун «Мерседес»ида яйратиб юрган қоқичак ҳайдовчига бир-икки қути аълонав сигарет тутқазганимда, у совуққина илжайиб чўнтагидан ўзиникини чиқарди: раҳмат, раҳмат, мен мана бунақасидан чекаман.
   Менимча, ҳар иккалови ҳам қўрқди, шу баҳона синаб кўриб, қўлга туширмоқчи, деб ўйлади. Демак, пастдагиларга рухсат йўқ — пора ҳисобланади, юқоридагиларга эса бемалол — совға, дўстона совға!
   Нега товариш Якнинг бола-чақаси йўқ? Дарвоқе, бу юрт одамларининг, биров-ярим ошкора қартайиб қолганини айтмаса, ёшини аниқлаш ҳам осон эмас: афт-башара бир хил, кийим-кечак бир хил, гап-сўз бир хил.
   Бизни таажжубга солиб тан олишича, сиёсий ҳушёр, ғоявий тобланган бу маҳмадана товаришимиз бор-йўғи йигирма олти ёшда экан. «Уйланишга ҳали уч йил бор. Ватанга хизмат қилиш керак аввал!» дейди пинак бузмай: Ватанингга хизмат қилсанг — қилавер, бунинг уйланишга нима дахли бор? Уйланган одам ватанига хизмат қилолмайдими? Хотини халақит берадими? Унда, мақсад ватанга хизмат қилишгина бўлса, уйланиб нима фойда — бўйдоқ ўтган афзал эмасми? Дарвоқе, уйланишга ҳали уч йил бор, дедими? Нега уч йил — икки ёки тўрт йил эмас-у, айнан уч йил? Кейинроқ, орқаваротдан эшитишимизча, товариш Якнинг уйланиш-уйланмаслиги ёки қачон уйланиши унинг молиявий аҳволи (уй-жой, келинга сеп-меп дегандай) ёки эркаклик майлига эмас, улуғ доҳийнинг хоҳиш-қарорига боғлиқ экан.
   Хуллас, нари-бери мендан йигирма ёшлар кичик шу товариш бутун сафаримиз давомида ҳар йўл билан бизга ҳукмини ўтказди деса бўлади. Бу ўринда меҳмон-мезбон муносабатлари бошқа масала, улар ўз йўлига, айнан мавжуд расмияту тартибот устида гап бораётир.
   Бу ҳол аэропортданоқ ўзини кўрсатди. Товариш Як мени баргранг «Мерседес»га таклиф қилиб, ўзи ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Шунда товариш Бахтиёр менинг ёнимга ўтирмоқ бўлиб эшикни очаётувди, роҳбонимиз шартта машинадан чиқиб йўлини тўсди ва уни элтиб нарироқда турган автобусга жойлаб келди. Шеригим учун хижолат чекиб, «Нега бундай қилдингиз, мана, машинада жой бор-ку?» деганимда товариш Як ҳали ўзим ҳам бехабар бўлган янгиликни айтди: «Сиз — делегация раҳбарисиз!» Сўнг юзимдаги таажжубни ўқибми, чап қошини маънодор кериб қўйди: тартиб шундай!
   Делегация раҳбари эмишман! Етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Начора, буларда тартиб шунақа экан. Демак, бу тартибшунос мен ҳақимда ўзимдан ҳам кўпроқ нарсани билса ажаб эмас.
   Шундай тартиб кейинчалик ҳам бирор ўринда бузилмади. Мен гердайиб «Мерседес»да юраман — боёқиш Бахтиёр «эл қатори» автобусда; мен қўш тўшакли ҳайҳотдек серҳашам хонада тураман — Бахтиёр чоғроқ бир ҳужрада; олиймақом зиёфатларда мен бошқа столда (раҳбарлар даврасида) ўтираман — Бахтиёр бошқа столда («ўзи тенги»лар билан); менга улуғ доҳийнинг ёнтасвири туширилган серсавлат асл чарм папка совға қилинади — Бахтиёрга ўқувчи болалар кўтариб юрадиган оддий сўмка; мажлис-маросимларда ҳам мен бир қадам олдинда юришим керак — Бахтиёр бир қадам орқада; худди шунингдек, мен таклиф этилган бошқа-бошқа юксак давраларга бечора Бахтиёрга йўл бўлсин!
   Сафарга бир хил мақомда жўнаган ҳамроҳлар адолатли социалистик тузум шарофати билан шу тариқа икки тоифага ажралдик-қолдик. Товариш Бахтиёр ҳам катта идораларда ишлашини, ўзиям жуда яхши йигит, Московларда ўқиган зўр журналист эканини айтиб неча бор далолат қилиб кўрдим, аммо бу ўлгур товариш Як қарорида қатъий эди: ну и что, товариш Эркин ака, қоида шундай!
   Бир-икки кун ўзаро ноқулайлик туйиб юргандек бўлдиг-у, сўнгра ҳар ким ўзининг мавқеига кўникиб кетди: мен — ўзимнинг раҳбарлигимга, Бахтиёр — ўзининг аъзолиги, яъни менга тобеинлигига. Ажаб қаноат!
   Мавриди келди шекилли, бўйнимдаги қарзни узиб ўтмасам бўлмас. Мен кейинчалик ҳам талай сафар-саёҳатларга бордим, ҳар хил кишилар билан узанги-йўлдош бўлдим, лекин тўғрисини айтсам, шу йигитдек камсуқум, шундай маданиятли, одми-одобли, шундай сабр-бардошлисини кам кўрдим. Тошкентга қайтгач эшитиб-билдим: Бахтиёр бир вақтлар катга амалдор бўлган баобрў бир одамнинг фарзанди экан. Унинг ўрнида бошқа бўлганда, бизга ўхшаганларни оёғи билан кўрсатиши тайин эди. У ёғини сўрасангиз, баъзи бир жиҳатларга кўра, мен эмас, Бахтиёр, товариш Бахтиёр делегация раҳбари бўлмоғи лозим эди. Аммо биргина товариш Якка маълум сабабларга биноан бул юксак мартабага мен ноил кўрилдим. Бу томони энди калнинг бошига тасодифан бахт қуши қўнгандек бир гап.
   Ана шундай сирли-қудратли товариш Як ўн кун мобайнида биз билан бирга бўлди. Нимани кўрган, ниманики билган бўлсак, барини шунинг кўзи билан кўрмоққа, шунинг сўзи орқали билмоққа маҳкум эдик. Қолганлари — ўзимизнинг фаҳм-фаросатимизу шундоқ сергак товаришга ҳам усталик билан чап берганимиз, унинг чор-атрофни бирйўла кўра биладиган ўткир кўзларини шамғалат қилганимиз туфайли. Бекор фурсатлар ўзимиз мустақил равишда бирор ёққа йўл олгудек бўлсак, ўшшайиб рўпарамиздан чиқади. Безабонлик қурсин, бирор нима зарур бўлиб, айтган рақамига сим қоқсак, у бир зумда пайдо бўлади. Орадан неча кунлар ўтиб, тасодифан пайқаб қолдик: у ҳам биз турган мусофирхонада истиқомат қилар экан. Атай биз учун, бизга кўз-қулоқ бўлиб турмоқ учун бўлса керак-да. Буни яшириб юрганини қаранг ўлгурнинг!
   Ўтган шу ўн кун мобайнида мен унинг метин дунёқарашига ҳужум қилиб, у эса менга чап беравериб чарчамадик. Бор сиёсий билимимни ишга солиб, рад этиб бўлмасдек тарихий-амалий далилларни рўкач қилиб мунозарага киришар, у сиғинган тузумнинг авра-астарини ағдариб ташламоққа уринар эканман, ўлгур рақибим меҳмоннинг иззатига бўлсин, андак ён бермоқни хаёлига ҳам келтирмасди. Сўнгги зарбани кетар кунимизга қолдирдим. Ахир, бу хумпарнинг бор вужуди тайёр ғоялару бир қолипга жойланган даққи қарашлардан иборат эмасдир, юрак аталмиш матоҳдан худо бунга ҳам бир чимдим ато этгандир — бир шоирона зарба қилиб кўрай-чи! Шунча вақг базўр тийиб юрган зардамни бирваракай тўкиб солиб (энди бу касофатнинг қўлига тушмасман-ку!), шоиримизнинг машҳур «Тилла балиқча» шеъри мазмунини шарҳлаб бердим унга. Сен ана шу балиқчасан, товариш Як, лекин тилла балиқсан, билиб қўй, тилла! Қийиқ кўзларингни йириб атрофга боққил, атрофинг — кўлмак, сассиқ ҳовуз!
   Йигирма олти йил давомида вужуд-вужудига сингиб кетган оғуни ўн кунлик аччиқ писандалар билан қондан қувиб чиқариб бўлармиди?! Бироқ менинг бу сўзларим самимий эди, астойдил ачинганимдан эди. Товариш Як эса табиатан ўта зукко, ўта зеҳни баланд йигит эди — мунозараларимиз асноси бунга амин бўлганман. Ҳарқалай, хайрлашар чоғимиз у алланечук маъюс тортиб қолгандек кўринди кўзимга. Хийла бетгачопар, шартакироқ бўлса-да, нонкўрроқ бўлса-да, ўн кун бирга юрган меҳмонларидан ажралаётгани учунми ё кўнглида аллақандай шубҳа-гумонлар пайдо бўлиб, бошқа алланималар ниш уриб қолдими — у ёғи менга қоронғи. Ҳарнечук, унинг метин дунёқарашида қандайдир алғов-далғов рўй бергани, билинар-билинмас дарзлар пайдо бўлгани аниқдек эди.
   Яхшими, ёмонми, майли-да, умримнинг унутилмас ўн куни ўтган шу мамлакат ҳақида ҳар қандай хабар қулоғимга негадир қаттиқроқ ўрнашадиган бўлган. Гоҳо радиодан эшитиб қоламан: халқ демократик республикаси бўлмиш Шарқий Буриёдан бир гуруҳ одам қўшни Ғарбий Буриёга қочиб ўтганмиш. Ўша қочқинлар орасида ўн кун бизга ҳамроҳ бўлган, роҳбонлик қилган товариш Як ҳам бормикан, деган мубҳам ўйларга бораман. Ўн кун бирга юриб билдик-да: товариш Як ҳарҳолда оддий «балиқ» эмас эди.
   Дарвоқе, унинг оти нимайди? Оти бормиди ўзи? Балки сиз эсларсиз, товариш Бахтиёр?...
   
   ЧАПАКЛАР ЭГАСИ
   
   Бу аслида африкалик қоравойлару аксари ороллар-да кун кечирувчи қийиқкўзлар анжумани экан. «Олиф-та» Овруподан, Америка қитъаси ва бир гуруҳ араб давлатларидан ҳам вакиллар талайгина. «Учинчи дунё» мамлакатлари ахборот уммонининг ғаввослари, дарғалари ва ҳоказо намояндалари. Товариш Бахтиёр иккаламиздан бошқа деярли барчаси ё оврупо тилларида, ё араб тилида сўзлашар экан. Кўпчилиги ўзаро таниш, мана шунақа байналмилал гурунгларда учрашавериб ош-қатиқ бўлиб кетган. Бу каби издиҳомларда илк бор қатнашаётган, бир вақтлар ер куррасининг олтидан бир бўлагини забт этган собиқ шўролар мамлакатидан борган бор-йўқ вакил — товариш Бахтиёру мен; бир четда шумшайиб юрибмиз. Хайрият, ёнимизда «ташқи дунё» билан алоқа боғлаб турувчи ягона, лекин пишиқ-пухта ришта — товариш Як ҳозиру нозир.
   Анжуман бениҳоя муҳташам, ҳар жиҳатдан аломат ва барча қулайликлари муҳайё, улуғвор қурултойлар саройида иш бошлади. Товариш Бахтиёр иккимизнинг ўрнимиз толорнинг орқароқ қаторларидан бирида экан. Ҳартугул, шу ерда ёнма-ён ўтиришимизга рухсат бор шекилли. Қулоққа тақиладиган таржима ускуналарини ўзимизча синовдан ўтказиб, қўлимизга тутқазилган бир даста қоғозу дафтарни ақлимиз етганича кўздан кечириб ўтирибмиз. Ишчан бир қиёфа касб этиб олганмиз. Гарчанд дунёнинг ҳув бир четидан узоқ йўл босиб келган бўлсак-да, на бу йиғиннинг аҳамиятидан, на мақсад-муддаоларидан дурустроқ хабардормиз. Борасизлар, дейилди — келдик. Рўйи заминнинг ҳар еридан шунча одам йиғилиб келибдими, демак, арзирли бир гап бўлса керак-да.
   Бир пайт толор бўйлаб ажиб бир майин сас таралди. У тобора кучайиб, тоғ жилғасининг товушини олди, кейин бир текис шаршара оҳангига айланди. Толордаги алланималар шундай акс садога мосланган эканми, бу оҳанг — нола шу қадар ёқимли, аллаловчи эдики, бор ихтиёрингизни унга топшириб, бир ёқларга оқиб кетгингиз келарди...
   Ҳамма баравар ўрнидан туриб кетди. Ҳайъат саҳнасига улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен кириб келган эди! Чапак шуники экан, шу олий зотнинг олий шарафига экан! Доҳийнинг ортидан яқин сафдошлари — сиёсий бюро аъзолари, аркони давлат, анжуман ташкилотчилари ҳамда энг муҳтарам меҳмонлардан вакиллар кўринди. Чапак баттар авжига чиқди, бироқ бу ҳол нечундир ғашга тегмас — қулоқни қоматга келтирмас, аксинча — хуш ёқар, гўё одамни майин бир маромга солиб тебратар, елпитар, аллалар эди. Ажаб ҳол!
   Анжуманни кеча аэропортда меҳмонларга пешвоз чиққан, кўзлари одатдагидан қисиқроқ ва ёноқлари бўртиқроқ бўлганидан мудом жилмайиб турадиганга ўхшаш барваста зот — мамлакат марказий телеграф маҳкамасининг раҳбари ҳисобланмиш ахборот вазири мухтасаргина олқиш сўзи билан бошлаб, ҳозирги сиёсий вазиятни доҳиёна таҳлил этиб, доҳиёна йўл-йўриқ қўрсатиш, яъни тарихий маъруза қилиб бериш учун улуғ доҳий товариш Хон Ман Менни кўпдан-кўп таъзим-тавозелар ила минбарга таклиф этди. Яна қарсак— яна шаршара! Гулдурос қарсаклар, давомли қарсаклар! Яна, яна ва яна!
   Доҳий минбарга чиқиб тарихий маърузасини бошламагунча чапак ҳам тинмади, мажлис раисига ўхшаб жами мезбонлар алланечук соме ҳолатда таъзимдан бош кўтармай турдилар. Эҳтиромнинг зўрлигини қаранг!
   Доҳий минбар қошига келибоқ, одатдагидек, тантанавор тин олиб турмай бирдан энгашиб тарихий маърузасини ўқий кетди. Ажабо, ўрнидан тураётганида қўлида қоғоз-поғози йўқ эди, нимага қараб ўқияпти экан? Демак, бари минбарнинг ўзида, аввалдан тайёрлаб қўйилган, шундоқ келасизу ўқиб кетаверасиз. Маърузачи олдидаги матнни биринчи бор кўраётган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин у минг бир чиғириқдан ўтказилган, бари ўзининг фикрлари, аниқроғи — ўзи айтадиган, айтиши керак бўлган гаплар. Бинобарин, ҳеч бир ортиқча ташвишу тараддудга ҳожат йўқ.
   Маъруза, чамаси, боя мажлис раиси таъкидлаган «ҳозирги сиёсий вазиятнинг доҳиёна таҳлилию келажакнинг доҳиёна башоратлари ва йўл-йўриқлари»дан иборат эди. Унинг деярли ҳар жумласи гулдурос қарсаклар билан олқишлаб турилди деса, лоф бўлмас. Зотан, бу хил намойишлар бизга бегона эмас — оммавий чапакбозлик муҳитида ўсиб-улғайганмиз. Кўзларимиз кўникиб, қулоқларимиз тоблана-тоблана чиниқиб кетган. Ў-ў, бир чапакбозликларни кўрдик, бир чапакбозликларни кўрдик, таърифига сўз қайда! Боғча ёшидан бошлаб чалганмиз чапакни. Гоҳо шундай берилиб кетардикки, мажлис-маросимдан кейин кафтларимиз бир неча кун ловиллаб юрарди. Буям бир меҳнат-да. Оғир меҳнат! Айниқса, минбардан чиқаётган гаплар шунчаки ҳавога учаётганини, ҳеч қачон амалга ошмаслигини сезиб-билиб турсангиз! Айниқса, баландпарвоз шиор шаклида отилаётган бу сўзлар ишонч-эътиқодингизга зид бўлса, тескари бўлса-ю, ўзингизни самимий, садоқатли кўрсатиб, бор кучингиз билан кафтни кафтга урмоққа маҳкум этилсангиз! Оғир, жуда мажбурий меҳнат! Кўпни кўрган катталар-ку бора-бора бу ишнинг машқини олиб қитмирона йўлларини топишади, аммо ҳали ҳеч гапдан бехабар, беғубор кўнгилли болагиналарга хийла жабр. Сафаримиз давомида шундай манзараларга кўп бора дуч келдик. Айниқса, пойтахтдаги Хон Ман Мен номи билан аталувчи намунавий кашшофлар саройига борганимизда бизни олқишлаб чапак чалган, узундан-узоқ чапак чалиб турган болакай ва қизалоқларнинг қўлчаларига жоним ачиб кетди. Э, бас, жиннивойлар, бас! Биз бу ерга шунчаки сизлар билан танишгани, сизларни кўргани келдик. Тўғрироғи, бизни бу жойга маълум бир режага биноан, мажбурлаб олиб келдилар. Очиқ чеҳра ва бу қадар марҳамат билан кутиб олганингиз учун ташаккур, миннатдормиз. Аммо биз нима каромат кўрсатдик, сизларга нима шарофат келтирдикки, бунчалик куйиб-пишиб чапак чаляпсизлар? Кўйинглар, бас энди, қўлчаларинг оғрийди! Шу беҳуда ҳаракатга кетган вақту куч-қувватингизни бошқа фойдалироқ ишга сарф этганингизда, ўзингиз ҳам, юртингиз ҳам бундай кўйга тушмаган бўларди.
   Угиналарда-ку гуноҳ йўқ — ёш бола, бироқ мана бу, жонини жабборга бергудек зўриқиб-кучаниб чапак ураётганларга нима дейсиз!
   Мажлис олти тилга таржима қилинмоқда эди. Ичида бизга тушунарли бирорта тил йўқ. Биз биладиган бирдан бир «халқаро тил» — ўрис тили, аммо уни «тилга олмоқ»қа ҳазар қиладилар бу ерда. Тўғри, анжуман аҳли орасида русийзабонлар ҳам бўлса бордир, кечагина шу тил бу ўлкада ҳам «иккинчи она тили» мақомида бўлган. Лекин бугун у — муқаддас социализм ғояларига шак келтирган, хиёнат қилган сотқинлар тили; «бу тилда сўзлагандан кўра тилларимиз узилиб тушсин!» Шу йўл билан ўрислардан, Россиядан гўёки бир ўч олинаётир. Унинг «улуғ ва қудратли»лиги ўзига буюрсин!
   Биров-бировингда ўчинг бор экан, ўзинг ҳисоб-китоб қилавермайсанми, товариш Бахтиёр билан менда нима айб? Уч кун бир жойга қадалиб ўтириб ҳеч балони тушунмайдиган бўлсак, бу ерга келиб нима қиддик? Чамаси, бу издиҳомда ўрис тилидан бошқасини билмайдиган «безабон» биз иккаламиз эдик, холос.
   Лаънатлар бўлсин! Дорилфунунда талабалик йилларимиз дилбаргина чет тили муаллимамиз билан талашганимиз талашган эдик: «Биз келажакда журналист бўламиз, ёзувчи:шоир бўламиз, таржимон-тилмоч эмас сизга ўхшаб! Чет тили керак бўлса, ўзингиз ўрганаверинг! Умримизда бирор марта чет элга чиқамизми, йўқми, худо билади, шугина учун «гуд бай-пуд бай»ни ёдлаб ўтиришимиз шартми? «Иккинчи она тилимиз»ни билиб олсак бас, бизнинг маккамиз — Москов!» Бу ёғи мана бунақа бўлиб ўша «гуд бай-суд бай»ларга дар қолиб ўтиришимизни ким билибди дейсиз! Лаънатлар бўлсин!
   Шу ўйлар билан таржима гўшагини эрмакка айлантириб ўтирарканман, ажнабий чулдирашлар орасида бир тилга оид айрим калималар юрагимга яқин, қулоғимга қадрдондек эшитила бошлади. Кўп сўзлари таниш, тушунарли, ажабо! Араб тили! Бора-бора гап нима ҳақца кетаётганини англайдиган бўлдим. Ғайрат қилсам, бу кетишда уч-тўрт кундаёқ муқаддас каломуллоҳ тилини унча-мунча билиб оладигандекман. Анжуман соатлари машғулотим ҳам, овунчоқ-эрмагим ҳам шу бўлиб қолди.
   Аммо бизнинг ғамимизни еб қўйганлар ҳам бор экан. Эртаси куни ҳали мажлис бошланмасдан меҳрибонимиз товариш Як улуғ доҳийнинг кечаги маърузаси ўрисча матни босилган бежиримгина брошюрани қўлимизга тутқазди. (У аҳволимиздан хабардор эди, шубҳасиз!) Таажжубдан оғзимиз очилиб қолди: тўғри, доҳийнинг маърузаси, тарихий маъруза, бироқ қачон таржима қилиб, қачон нашр этиб улгуришди экан? Наҳотки, товариш Бахтиёр иккаламиз учунгина қилинган бу иш? Ажаб эмас, чунки анжуман аҳли орасида биздан бошқа «безабон» бўлмаса керак. Икки кишинигина деб атай китоб чиқариш ақлга сиғадиган иш эмас, албатта. Лекин ўрисларнинг нақли билан айтганда — зўр мақсад йўлида ҳар қандай маблағдан ҳам кўз юмса арзир! Муайян бир ғоя, мафкурани тарғиб этиш, сингдиришнинг энг соз, энг ишончли усули шу — сарф этилажак сармоянинг юзига қарамаслик! Чучмалзабонроқ бир домламиз лутф этганидек — «офарин ва тасанно» демоқдан ўзга илож йўқ!
   Сафаримиз давомида кейин ҳам бунақа ҳозиржавоб нашрлардан анча-мунчасига эга бўлдик. Қаерга борманг, қўлингизга бир даста китобу таклифномаю ташрифнома тутқазилади. Олсангиз ҳам оласиз, олмасангиз ҳам оласиз! Қоида шу, мажбурсиз, бўйин товлаб кўринг-чи! Бу рисолаларнинг аксарияти улуғ доҳий қаламига мансуб бўлиб, ўрис тилида ҳам чоп этилган (афтидан, бизга ўхшаганларга мўлжаллаб) ва «Қўшни Ғарбий Буриё билан қўшилувнинг беш (етти ё ўн) шарти» деб аталар эди. Улар турли йилларда чиқарилган, йил сайин қўшилув шартлари ортиб борарди. Бир қарашда олижаноб мақсадни кўзлаб ёзилгандек туюладиган бу асарларнинг турган-битгани риёдан иборат эди. (Мусофирхонада зерикиб ўтирганларимда эринмай ўқиб чиқдим-да!) Барининг мазмуни деярли бир хил. Бошида социализм ғояларининг жозибадорлиги тўлиб-тошиб таърифланади, Маркс, Энгельс, Ленин ва Мао Цзедундан иқтибослар келтирилади, сўнгра асосий мақсадга кўчилади: «Қаранг, қандоқ ажойиб тузумда яшамоқдамиз биз! Сизу биз — бир миллатмиз, қондошу қариндошмиз, бир жон — бир танмиз, келинг, эски гиналарни соқит қилиб, янгича асосда бирлашайлик! Ўшанда сиз ҳам биз каби ажойиб тузумда яшайдиган бўласиз! Бунинг учун эса мана бу, мана бу, мана бу шартларимизга кўнмоғингиз лозим. Аммо, бизга маълум бўлишича, сизнинг бу шартларга қўшилмоқ ниятингиз йўқ. Негаки, сизни йиртқич, ёвуз капитализм балоси йўлдан уриб улгурган, бедаво дардга йўлиқиб бўлгансиз. Шунга кўра биз сиз билан асло-асло бирга бўлолмаймиз! Афсус, афсус!»
   Шунингдек сафсаталарга тўла китоблардан олам-жаҳони йиғилиб қолган экан, қайтар чоғимиз буларни нима қилишни билмай, товариш Бахтиёр иккимизнинг роса бошимиз қотди. Ўзимизни кўтариб кетсак кетардикки, уларни олиб кетолмасдик. Ташлаб кетиш ҳам ноқулай, боз устига хатарли: хоналаримиз биз йўғимизда ҳар дам, ҳар дақиқа мунтазам текшириб турилиши тайин — синаб кўрганмиз! Ўйлай-ўйлай охири бу «нодир» нашрларни Тошкентдан патир-матир, егулик ул-бул солиб келган картон қутига жойлаб, гўё шошилишда эсдан чиқариб қолдиргандек, товариш Бахтиёрнинг (менинг эмас, зинҳор-базинҳор — делегация раҳбари-я!) хонасидаги бир бурчакка тиқиб қўйдик. (Кейин бу лаънати юкни аэропортда ғамхўр товариш Якнинг қўлида кўриб, Бахтиёр иккаламизнинг ақлдан озиб қолаёзганимизни ҳам айтайми?!)
   Улуғ доҳийнинг ижоди Тошкентга қайтиб келганимдан сўнг ҳам тинч қўймагани, мени таъқиб этганига нима дейсиз!
   Буриёнинг мамлакатимиздаги мухтор вакили бир куни машинасига байроқча тикиб, ўзининг таъбири билан айтганда, мени муборакбод этгани бир-икки мулозими билан ишхонамга ташриф буюрди. Қўлимни қаттиқ қисиб кўришаркан, юзимга ажиб бир ҳавас ва самимият билан боқиб, улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен ила учрашмоқ, саломлашмоқ ва ҳатто бирга суратга тушмоқдек юксак шарафга муяссар бўлганимдан бағоят мамнунлигини изҳор этиб, мени қизғин ва астойдил қутлади. Кейин «Қимматли совғамизни қабул этгайсиз!» дея зарқоғозга ўралган салмоқлигина бир нимани қўлимга тутқазди. Расмиятга кўра, уни дарҳол очиб кўриб, кўзларимга ишонмадим. Бу — улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен қаламига мансуб эсдаликлар китобининг ўрис тилидаги ялтироқ муқовали, бениҳоя кўркам, ҳашамдор нашри эди! Одоб юзасидан китобни варақлай туриб, бу қадар қимматли туҳфаси учун товариш мухтор вакилдан бағоят миннатдор эканимни изҳор этмоққа мажбур бўлдим.
   —   Ҳа, ҳа, чиндан ҳам нодир асар! — дерди шўрлик товариш мухтор вакил гапимга чиппа-чин ишониб, ҳаяжон аралаш. — Яқиндагина нашрдан чиқди!
   Сўнг улуғ доҳийни ҳам, нодир асарини ҳам қўйиб, бошқа сафар таассуротларига кўчдик. Менинг анчайин меҳмоннавозлик йўлига айтаётган лутфу лофга қоришиқ сўзларимни жон қулоғини бериб тингларкан, товариш мухтор вакил дипломатлик мавқеини ҳам эсидан чиқаргандек, завқини яширолмай ўрнидан қўзғалиб-қўзғалиб қўярди. Шунда мен ўзим ҳам кутмаган қитмирона бир савол билан унга мурожаат қилмоққа журъат этдим. Сўрадимки:
   —   Хабарингиз бордир, товариш мухтор вакил, сафар чоғи биз гўзал пойтахтингиздаги энг маълуму энг машҳур мусофирхонада истиқомат қилдик. Анжуман тугаб ҳамма кетгач, унда шеригим — товариш Бахтиёр иккимиз ҳамда ороллик ўн-ўн беш чоғлиқ товаришлар қолди, холос. Икки қанотдан иборат, қирқ беш қаватли бутун бир улкан бинода! Айтинг-чи, бу ҳолнинг, бундай исрофгарчиликнинг сабаби нима? Бу кўрнамакларча берилган саволдан эсанкирамади ҳам, бир зум бўлсин ўйга ҳам толмади — жавоби тап-тайёр экан баччағарнинг:
   — Буни биз олдинданоқ ҳисобга олган эдик. Азбаройи сиз азиз меҳмонларнинг ҳурматингиз учун шундай қилинди — бошқа бегона одам қўйилмади мусофирхонага! Тўғри, орада бир гуруҳ хитойлик ватандошларимиз келиб кетишди-ю, аммо улар оддий сайёҳлар бўлиб, сизларга халал бермаслиги бизга маълум эди. Қолаверса, бошқа одам йўқ эди деманг, мусофирхонада неча ўнлаб киши сизларнинг хизматингизда бўлди...
   Ё тавба, бу гапга нима дейсиз! Баттар шаккоклигим тутиб, товариш мухтор вакилга қаттиқ, синовчан тикилдим. Аммо у бир зум ҳам кўзини олиб қочмади! Ўзига, ўзларининг ҳақлигига ишончи шу қадар зўр. Унга боқарканман, бу одамни илгари ҳам қаердадир кўрганга ўхшадим. Бўлди, бўлди, эсладим: товариш Як! Худди ўзгинаси! Акасими, амакиваччасимикан бу? Ким билсин, лекин — бир хил, бир қолипдан олингандек бир хил-а!
   ...Ниҳоят, ҳар луқмаси гулдурос қарсаклар билан олқишлаб турилган тарихий маъруза гулдурос қарсаклар остида якунланди. Минбардан тушган маърузачи қайтиб жойига келиб ўтирмай, ўша қарсагу олқишларга чулғаниб тўппа-тўғри мажлисхонадан чиқиб кетди. Худди «Синчалак»даги эррайим раис Қаландаров колхоз правлениесининг йиғинини тарк этганга ўхшаб: «Сизлар мажлис қилиб туринглар, менинг бошқа борадиган жойларим бор!»
   Кейин маълум бўлишича, улуғ доҳий анжуман аҳли билан бутунлай хайрлашиб кетмаган, асосий учрашувлар ҳали олдинда экан. Дастлабкиси шу ернинг ўзида, тушлик танаффус чоғидаёқ содир этилди. Тўғри, ҳозирча рамзан, ғойибона — суратлар орқали...
   Улуғ доҳий товариш Хон Ман Меннинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятига бағишланган тантанали фотокўргазма мажлисхонага ёндош узун бир толор бўйлаб намойиш қилинди. Ҳамма суратда — улуғ доҳий ва севинчу бахтиёрликларидан юзлари гул-гул ёниб турган халқ вакиллари, ҳаммасида — улуғ доҳий ва ишлаб чиқариш илғорлари. Кўпчилигида доҳий халқ хўжалигининг турли тармоқларига бевосита раҳбарлик қилаётгани, қимматли йўл-йўриқ, маслаҳатлар бераётгани акс эттирилган. Лекин манзара деярли бир хил: у зот қўлини пахса қилиб нимадир демоқда, орқасидаги блокноту ручка кўтарган бир тўп одам шоша-пиша ёзиб олмоқда. (Кейин билдим, телевизорда эртадан кечгача такрорланадиган ахборотларда ҳам худди шу кўриниш экан: қўл ўша-ўша пахса, атрофда ўша-ўша блокнотчилар.) Баъзи суратларда доҳий қизиқроқ гап қилганми, барча чапак чалиб уни олқишламоқда. Бироқ суратларнинг бари юксак сифатли, таҳсинга лойиқ савияда олинган ва ишланган. Муҳими — бенуқсон! (Бу сўзнинг изоҳини мавриди келганда билиб оласиз.) Қандоқ эплашди экан?..
   Эътибор бериб қарасангиз-қарамасангиз, ушбу суратларда ҳам, мажлис-маросиму кўча-кўйда ҳам барчанинг кўкрагида бир хил белги — улуғ доҳий товариш Хон Ман Меннинг сиймоси туширилган нишонни кўрасиз. Ҳамма ер, ҳамма жойда! Атайлаб ўзим сер солиб юрдим. Ҳа, дарвоқе, бундай нишон тақмаган одам бор экан. Биттагина. Бутун мамлакат бўйича яккаю ягона! Ўзлари! Камтарликни қаранг, балли-е!
— Товариш Хон Ман Мен жуда камтарин одам, — дейди суратларга изоҳ бериб ёнимизда юрган товариш Як. — Қаранг, ҳамиша халқ оммаси билан бирга!
— Жуда-жуда, — дейман унинг гапини эрмакка маъқуллаб. — Кўриниб турибди. Бунақаси бўлмаган!
Сезгир товариш Як ялт ўгирилиб, шунда менга илк бор ишончсизлик билан ёвқараш қилиб қўяди.
   Кейин бунақа нишонни мен халқаро Хон Ман Мен жамиятининг (билиб қўйинг, шунақа жамият ҳам бор!) аъзолари бўлмиш фин сайёҳларининг кўкрагида ҳам кўрдим. Биз улар билан Московга қайтаётиб самолётда танишиб қолдик. Сипосурат Буриёдан келаётганларига сира ишонмайсиз — барининг эгнида ёшига номуносиб аллақандай енгилтак, олабайроқ кийим-бош, қўлларида ёнчиқсимон япасқи шиша, кела-келгунча самолётни бошларига кўтариб коньяк ичиб келишди. Ўзлари билан кифояланмай, бошқаларга, жумладан, бизга манзират қилишди. Ё бебилиска меҳмонсийлов, ё бақувват Оврупо ақчасига шўрлик қашшоқ Буриё мусофирхоналари қошидаги махсус дўконлардан арзон-гаров сотиб олинган матоҳ шекилли-да.
   Бу ғояпарастларнинг орасида бирорта ёшроғи йўқ эди, бари аллақачон нафақага чиққан қари-қартанг. Нафақага чиқибоқ бекорчиликдан мазкур жамиятга аъзо бўлиб киришибди. Шунинг эвазига ҳар йили бу ёққа келиб, аллақайси оролдаги сўлим бир гўшада бир ойдан ҳордиқ чиқариб кетишармиш. Текиндан-текин. Яхши-да, эрмак. Қариганда биров ҳисобидан бундай кўнгилёзар саёҳат килиб юриш кимга ёқмайди? Жамиятнинг мақсади — улуғ доҳий товариш Хон Ман Меннинг ҳаётбахш ғояларини дунё бўйлаб кенг ёйиш, тарғиб этишдан иборат экан. «Қалай, дунё тан оляптими?» деб сўрасам, ёнимда ўтирган антиқа қалпоқли ширакайф қария ҳафсаласизгина қўл силкиди: «Ким ишонарди дейсиз!» «Ўзингиз-чи, ўзингиз қандай эътиқод қўйгансиз?» «Мен... Биз энди кетяпмиз, биродар! — деди алланечук ҳасрат билан уҳ тортиб ва апил-тапил ёнидан япасқи шишачасини олди. — Ма, озгина ичақол, илтимос! Зўр коньяк, товариш Хон Ман Меннинг шахсан ўзи совға қилган!» Шундан кейин у ўриндиқ остидаги тўрвадан бир қучоқ келадиган оғир китобни чиқариб менга кўрсатди. «Хон Ман Мен энциклопедияси» деб аталмиш бу улкан китоб унда-мунда эмас, катта бир давлатда нашр этилармиш.
   Ўзимизнинг шўровий доҳийларга андармону маҳлиё бўлиб, дунё миқёсида мана бундай бошқа-бошқа доҳийлару жамиятлар, махсус энциклопедиялар борлигидан ғофил қолиб юраверган эканмиз-да! Юрган, кўрган — билади.
   Буриё ҳукумати томонидан берилган кечқурунги зиёфатда улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен билан яна учрашмоқ шарафига муяссар бўлдик.
   Зиёфат таъриф-тавсифга сиғмайдиган жаннатмисол бир саройда ўтди. Товариш Якнинг айтишича, бу муаззам кошона атиги бир ярим йил ичида бунёд этилган экан. Ақл бовар қилмайди. Дарвоқе, анжуманимиз ўтаётган тантаналар саройини ҳам худди шунча муддатда қуриб битказилди, деган эди бу маҳмадона. Қизиқ, бу ерда қайси бинони сўрасангиз, бир ярим йилда қурилган, деб ғурурланишади. Нега бир ёки икки йилда эмас-у, айнан бир ярим йилда? Муаммо, яна бир муаммо. Еки социалистик мажбуриятлари шундаймикан? Балки булар ҳам ҳов бизга ўхшаб, ҳамма нарсани ўзларининг «ноябрь байрамлари»га мўлжаллайвериб, шундай бўлиб қолгандир...
   Улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен бир тўп аъёнлари ва аллақандай ҳарбийлар билан кириб келганида зиёфат аҳли уни одат бўиича оёққа туриб, гулдурос қарсаклар остида олқишлаб кутиб олди. Доҳийни у ёқ-бу ёғини кўз илғамас ҳайҳотдек чароғон толорнинг ўртасидаги энг катта столга бошладилар. У бошини ҳар ёнга буриб, жонсизгина қўл силкиганча олқишларга жавобан саломлашган бўлди.
   Турли катталикдаги доирасимон зиёфат столлари ана шу марказий столнинг теварагига жойлаштирилган бўлиб, уларнинг бу столга узоқ-яқинлиги мамлакатлараро сиёсий муносабатларнинг қуюқ-суюқлигига қараб белгилангани қизиқ эди. Гўё — сен ўзимникисан, маслақдошу ғоядошмиз, ёнгинамда ўтир; сен ҳам бизга қайишиб турасан, яқинроқ келақол; сенинг эса кимлигинг, ниматигингни ҳали билиб улгурмадик, майли, ўша ерда ўтиравер; ҳап сеними, сенинг жойинг ҳув узоқда, ўзинг ҳам, ғоянг ҳам бизга ёт-бегона.
   Шу ҳисобда оролликларга ўхшаган дўст мамлакатларнинг вакиллари — делегация бошлиқлари марказий столда — доҳийнинг даврасида ўтиришлари мутлақо табиий эди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳали мавҳумроқ бўлгани учун мени ҳам, ҳар эҳтимолга деб, ўрталиқ бир жойга ўтқазган эдилар. Лекин, одатдагидек, делегация раҳбарлари даврасидаман. Товариш Бахтиёр ҳам, одатдагидек, ўзига ўхшаганлар билан бирга ҳув нарироқда ўтирибди.
   Зиёфат дастурхонига негадир аллақандай ҳарбий киши, афтидан, еростими, ерустими қўшинлари қўмондони косагуллик қилмоқда эди. Ё сўзга чечанроқ, қўшинларига қўшиб бунақа маросимларни ҳам бошқаришга моҳир, ё доҳийнинг яқин сафдош жўраларидан бўлса керак.
   Косагул, табиийки, кўп таъриф-тавсифдан сўнг биринчи бўлиб сўзни улуғ доҳийга берди. Доҳий ўрнидан шахдам туриб, тўрт тарафга қарай-қарай нутқ ирод эта кетди. Мен, албатта, ҳеч балога тушунмай ўтирардим. Гарчи бу тарихий нутқ ҳам чор тарафдан халқаро тилларга пайдар-пай таржима қилиб турилганига қарамай. Тушунганда нима, барибир эмасми менга? Қолаверса, унинг тахминан нима деяётганию нима демоғи мумкинлиги шусиз ҳам барчага аёндир.
   «Саксондан сакраб ўтган» отахон ҳали хийла тетик, бардам кўринарди. Кайфи ҳам чоғ. Ҳар гал кузатганимдек, костюмининг пастки тугмаси қадалмаган — шунга одатлангандир.
   Ҳа-а, чол ҳали бардам! Бу кишим бардам бўлмай ким бўлсин! Бутун бошли мамлакат бошига кўтариб, ҳукмига ҳозиқ турса! Кўнгли тусаган-тилагани ҳамиша муҳайё бўлса! Гирд-атрофида не-не дўхтиру давокор парвона! Ейдиган-ичадигани табиатнинг энг нозик, энг мусаффо гўшаларидан келтирилиб, минг бир синов, минг бир чиғириқдан ўтказиб берилса! «Мақсадга номувофиқ», нораво бирон бир хабар бу кишимнинг муборак қулоқларига етказилмаса, совуқроқ шамол бу кишим томонга эсмаса, ҳар не ташвишу таҳликадан мудом муҳофаза этиб турилсалар — бу кишим бардам бўлмай, мен бўлайми!
   Диққинафас элчининг пичирлаб маълум қилишича, улуғ доҳий талай йиллардан буён мамлакат аҳволидан бехабар — халқ ҳаётига доир ҳақиқий маълумот ундан қаттиқ сир тутилади. Асосий машғулоти — байраму тантаналарда олий шарофатли иштирок, нутқу маъруза қилмоқ, олқишу чапакларга чулғаниб юрмоқ, холос. Неча йилдирки, у газета ўқимайди, телевизор кўрмайди. Ундоқ бўлса, мамлакат раҳбари мамлакат ҳаётига оид хабарларни қаёқдан олади? Ташвишланманг, бунинг йўли аллақачон топилган...
   Отахон хушҳол илжайганича ниманидир, чамаси, суронларда кечган инқилобий ҳаётидан қизиқроқ бир лавҳаними ёки халқаро инқилобий ҳаракатга доир бирор ибратли воқеаними мароқ билан ҳикоя қилар, даврадошлари анқайган кўйи унга маҳлиё бўлиб қолган эди.
   Майли, улуғ доҳий тарихий кечмишидан лоф ураверсин, биз дастурхонга қарайлик, ахир, зиёфатга деб келганмиз!
   Зиёфат деганлари чинакамига шоҳона эди. Биз ҳам юрган эканмиз ошу кабоб деб, таомнинг туру турфаси бу ёқда экан! Олиб келинаётгани нима, олиб кетилаётгани нима — билолмай бошингиз айланиб кетади. Умрингизда татиб кўрмаган таомлар, таъмлар! Тошбақанинг тухуми дейсизми-ей, чувалчангшўрва дейсизми-ей! Нозиктаъблигиму чимхўрлигим панд берди қурғур! Сариқ тарвузни кўрганмисиз? Бизнинг хаёлимизда тарвуз фақат қизил бўлади, яъни қизилигина — ширин. Аммо сариқ тарвуз емабсиз — бу дунёга келмабсиз! Биз уни кўрдик ҳам, тўйиб-тўйиб едик ҳам. Турли-туман жимжима идишлардаги ичкиликларни айтмайсизми! Гарчи ўзи ғоявий рақиб саналса-да, ўриснинг ароғидан тортиб машҳур дармондори — женьшенгача сероб — сен же, мен же! Поқдомон араб аҳли «кофир»ларга ўқрайиб, шарбат ҳўплаб ўтирибди.
   Чамаси, отахон дастурхонни кенгу зиёфатни шоҳона қилиб, жумлажаҳон вакилларининг бир таҳсинини олмоқчи бўлган: мана, кўриб қўйинг бизни!
   Дарвоқе, бу орада у чапаклар бўрони остида тарихий нутқини тугаллаб, навбатдаги сўз дўст оролликлар делегациясининг раҳбарига берилди.
   Зиёфат шу тариқа бир алёру бир қадаҳ мақомида борарди. Дафъатан отахон шартта ўрнидан турдию аъёнларини эргаштириб эшик томон йўналди. Ҳамма бирдан оёққа қалқиб, одатдагидек, улуғ доҳийни чапагу олқишлар билан кузатиб қолди.
   Чапаклар остида кириб келиб, чапакларга бурканиб чиқиб кетди. Бул зотнинг юрган йўли — чапак, борган ери — чапак. Узундан-узоқ умри чапагу олқишлар оғушида ўтаётир.
   «Чапак» — талаффузи бузуқ, қандайдир ҳарфи тушиб қолган чала бир сўздек туюлади менга. Асли, дейлик, «чалпак» бўлганмикан? Бироқ бу бошқа тушунча, маъноси бошқа. Чалпак — баъзи вилоятларимизда фақат таъзия маросимларида пишириладиган, қозонда ёққа қовуриб олинадиган юпқагина хамир таом. Шунданми, «Чалпагингни ейин» деган қарғиш ҳам бор — «ўл, ўлганингда исқотингдан татиб кўрай» мазмунида. Ҳарҳолда, бу кўпам илиқ-иссиқ ибора эмас. «Уриб чалпак қилиб ташлади», яъни — ўлигини чўзиб қўйди, юпқасини чиқариб юборди; ёки: «Чалпакка ўраб ташласанг, ит ҳам қарамайди». Ит ҳам қарамаса, демак, мутлақо яроқсиз, кераксиз бир нимарса экан-да. Хўш, чапакка буркаб ташласа-чи? Ҳар қанча азиз матоҳ бўлмасин, кафтлар орасида шапатиланавериб у ҳам юпқа тортиб, тўзиб, сийқаланиб кетмайдими? Кейин унга ҳатто ит ҳам қарамай қўймайдими? Умуман, шу икки сўз бир негиздан эмасмикан?..
   ...Аммо на чапак, на олқишлар умрни узайтира олар экан. Улуғ доҳийнинг ўлими бу ҳақиқатни исботлади. У барибир юз ёшга етолмади. Буниси энди чапагу олқишга эмас, Яратганнинг иродасига боғлиқ экани осий бандасига аёндир!
   
   ЙЎТАЛМАЙ ТУРИБ «ТАРИХГА КИРГАНИМ» НАҚЛИ
   
   — Иложи борича бирпас йўталингизни тийиб турсангиз, — деди товариш Як мени четга тортиб. — Ҳозир ҳаётингизда энг унутилмас воқеа содир бўлади — улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен билан учрашасиз!
   Йўғ-э, тарихга кирарканмиз-да, бахтиёр бўларканмиз-да! Бундай шарафдан унча-мунча одам ўзини йўқотиб қўймоғи, ҳаяжонга тушмоғи турган гап, албатта. Мен ҳаяжонланмадим, чунки томоғим қичишиб, баттар йўтал тутди. Бу бало менга самолётда илашиб, мана, неча кундирки, дам-бадам хуруж қилиб келаётгани рост эди.
   Тараддудланиб қолганимни кўриб товариш Як муддаосини дангал ошкор қилди:
   —   У зотга юқтириб қўйишингиз мумкин, эҳтиёт бўлинг!
   Оббо, гап бу ёқда денг! Энсам қотганини яшириб ўтирмадим:
   —   Хайр бўлмаса, товариш Бахтиёр учраша қолсин доҳийингиз билан! Ана, қаранг, у йўталмаяпти!
   Товариш Як одатича пинак бузмай совуққина кесиб гапирди:
   —   Товариш Бахтиёр учрашмайди, унга мумкин эмас!
Хуллас, йўталмай турсанг бас — тарих сеники!
   Биз гавжумлашиб қолган қабуллар толорида турардик. Йўл бўйи неча-неча чиғириқдан омон ўтиб, одатдагидек, роппа-роса бир ярим йилда бино этилган бу азим саройга ҳозиргина кириб келганмиз. Сўнгги чиғириқдан ҳам қутулиб ичкарига қадам босган киши дастлаб нима қиларини билмай бир зум саросимада қолади, кейин пастак мизларга териб қўйилган анвойи ширинликлару ичимликларга уннаб, алланечук бир ўнғайсизликни енгмоққа тиришади.
   Бир маҳал заҳилбашара, қотма бир одам ёнимизга келди. Товариш Як уни менга таништирди: партия марказқўми тарғибот ва ташвиқот бўлимининг мудири товариш Майда Хон экан. Бизда аллақачон компартиянинг авра-астари ағдариб ташланганигами, бир вақтлар сирли-ваҳимали кўринган бу каби мансаб-лавозимлар менга энди анчайин эриш, ҳатто масхараомуздек туюларди.
   Нимасидир бадиий ҳаваскорлик дасталарининг раҳбарларига ўхшаб кетадиган товариш Майда Хон мени холироқ бурчакка етаклаб, қўлида бир варақ қоғоз-чизма, йўл-йўриқ бера бошлади. У ҳам, ўз навбатида, камина ҳозир нақадар улуғ бахтга мушарраф бўлажагимни, бу учрашувнинг тарихий-сиёсий аҳамиятини қайта-қайта таъкидлади. Йўриқчим ўрис тилида бинойидеккина гапирар, олтмишинчи йиллари расмий вакиллар сафида тажриба алмашгани Ўзбекистонга ҳам келган, Тошкентни кўрган экан. Буни эшитиб кўнглимда бу одамга нисбатан аллақандай яқинлик, хайрихоҳлик пайдо бўлди.
   Товариш Майда Хон учрашув чоғи ўзимни қандай тутмоғим, қаерда, кимнинг ёнида турмоғим лозимлигини эринмай, ҳатто ижикилаб тушунтиргач, ўзига ўхшаш йўриқчи орқали ўша замбияликми, зимбабвеликми занжини топиб кўрсатди, бизни таништирди ва тегишли катагига қизил қалам билан белги қўйилган чизма-қоғозни қўлимга тутқазиб, далда бергандек елкамга қоқа-қоқа мени учрашув бошланаётган муҳташам толор эшигига рўпара қилди.
   Бирон бир аксилғоявий бузғунчи-қўпорувчи ёвуз ниятдами ё ҳазиллашибми граната-праната солиб қўймадимикан деган хавотирда, ҳар эҳтимолга қарши, ён-веримни пайпаслай-пайпаслай, эшик оғзида совуқ ғўддайиб турган махсус соқчиларга яқинлашдим. Улардан бири сезгир таёқчаси билан чириллатиб тамоми жойимни, бутларимнинг орасини ҳам текшириб чиқиб, учрашув толорига йўл очди.
   Ёп-ёруғ, шифти баланд, баҳаво бу узунчоқ толорнинг кенг саҳнини бурчак-бурчагига қадар энлаб чўғдек гилам тўшалган, девор томонда тўрт зинадан иборат аллақандай темир қурилма юксалган эди. «Тарихга кириш» толори. Бизни ўртадаги тўртбурчак ҳошия бўйлаб маълум тартиб билан саф тортишга даъват этдилар. Мен аланглай-аланглай замбияликми, зимбабвеликни топиб, ёнига туриб олдим.
   Шу зайлда ўн-ўн беш дақиқа унсиз қотиб турилди. «Тарихга кириш» олдидан ўлик сукунат. Дафъатан чапак янграб, тўрдаги эшикдан улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен сиймоси кўринди. Ортида бир тўда аъёну акобирлари. Қизиғи шундаки, улар ҳам чапак чалиб келмоқда эди. Доҳийнинг ўзидан бошқа ҳамма!
   У чапаклар бўрони остида тўртбурчак сафга яқинлашар экан, алланечук жонсиз, беҳафсала қўл силкиб саломлашган бўлди. Шу он, кўкрагидаги ялтир-юлтирларига қараганда, ватан олдида зўр хизматлар кўрсатиб қўйган юксак мартабали бир ҳарбий зот олдинга тушиб, қўлидаги қоғоздан саф бошида турган кишининг номи ва келган мамлакатини тантанавор тарзда эълон қилди. Улуғ доҳий билан саломлашар экан, шўрлик ороллик эҳтиромининг зўридан икки букилиб қолай деди. Доҳий у билан узоқроқ, қуюқроқ сўрашди, чамаси, қандайдир шўхроқ гап ҳам қилди ва серсоқол доҳий дўстига салом етказмоқни тайинлади.
   Танишув шу тариқа давом этиб келарди. Аввал номингиз, сўнгра келган мамлакатингизнинг номи. Доҳий аста қўл узатиб, билинар-билинмас бош ирғаб қўяди. Бу аснода ғўддайиб турган ким, эҳтирому ҳаяжондан титраб-қақшаб қолган ким!
   Доҳий биз сари яқинлашаркан, боядан бери бошимни қотирган «Бу ҳарбий жарчи ҳаммани қаёқдан танийди? Адашиб-янглишиб кетмасмикан?» деган хавотир-жумбоққа жавоб топилди: биз унинг қўлидаги рўйхатга биноан сафга тизилган эканмиз, бор сир-синоати шу, холос.
   Ниҳоят, менинг ҳам номим янграб, бузуқ бир талаффузда «У-узбекистан» дея эълон қилинди. Ўртабўй, япасқибашара, костюмининг тубанги тугмаси қадалмаган (кейин эътибор қилдим: аксарият аъёнлари шугинада ҳам бу зотга тақлид қилар экан), кўзойнакли бир киши қаршимда тўхтаб, қўл узатди. Мен ҳам қўлимни чўздим. Бир сониялик нигоҳ, салом-алик. Шу, тамом. Лекин шу бир сониялик саломлашувнинг сиёсий-тарихий аҳамияти... асти қўяверасиз!
   Саломлашувдан сўнг уни ортидан кузатарканман, дафъатан таажжубда қолдим. Аввалги учрашувларда ё тузук қарамаган, ё эътибор қилмаган эканман: улуғ доҳийнинг гарданида чойнақдек ғурра тошиб турарди! Нима бу? Хатарли ўсма эмасмикан ишқилиб? Ҳали товариш Якдан сўраб кўрарман.
   Танишув маросими поёнига етиб, чапак янгради. Бу гал чапакка доҳийнинг ўзи ҳам қўшилди — ҳамжиҳатликка нима етсин, коммунистларча тенглик рамзи бу!
   Кейин улуғ доҳий билан суратга тушиш маросими бошланди. Ҳамма қўлидаги чизмага қарай-қарай, деворга ёндош темир қурилмага чиқиб жой-жойини эгалламоққа киришди. Менинг ўрним охирги қаторда — қурилманинг энг баланд поғонасида эди. Чиқиб қарасам — ўрнимни кимдир эгаллаган. Бояги замбияликми, зимбабвеликми сафдошимга ўхшайди ҳам, ўхшамайди ҳам. Бу ўлгурларнинг бари бир хил, ажратиш осон эмас. Бўлгани бўлар деб, индамай унинг ёнига туриб олдим. Туриб олдиму туйқус ҳақиқий сафдошимга кўзим тушди: у учинчи қатордами, тўртинчи қаторда жойини қидириб, улоқиб юрарди. Майли, қўшилувчилар ўрни ўзгаргани билан— йиғинди ўзгармас. Хато бўлса ҳам жуда унчалик катта хато — тарихий-сиёсий кўрлик эмасдир. Тарихга замбиялик ё зимбабвелик бўлиб кирсангиз нима қипти, кирганингиз ҳисоб-да, тўғрими?
   Улуғ доҳий таомилга кўра энг олдинда — ўнг ёнида оролликлар делегациясининг новча, оқсоч раҳбари, сўл ёнида яна бир дўст мамлакат вакили билан биринчи қаторда турарди. Рўпарада — жонсарак суратгирлар. Тарихий дақиқалар яқинлашмоқда. Мана, ниҳоят, кетма-кет чақмоқ чақнай бошлайди: чиқ-чиқ, чиқ-чиқ, чиқ-чиқ. Кетидан чапаклар янграйди. Бу гал энди гулдурос, давомли чапаклар, тантанавор чапаклар! Бўлди, биз тарихга кириб бўлдик!
   Ана шу миннатдор олқишлар остида улуғ доҳий одатдагидек алланечук беҳол, беҳафсала қўл силкиб хайрлашадию бизни «тариҳда қолдириб», ўзи бояги мулозимлари қуршовида эшик томон юради.
   Бу унинг биз билан сўнгги кўришуви эмас эди. Аслида биз хайрлашмаган эканмиз. Бу мамлакатда неча кун яшаган бўлсак, у ҳамиша биз билан юрди, яъни ҳамиша кўз ўнгимизда турди: кўча-кўйда ҳам, мажлис-машваратларда ҳам, девору пештоқларда ҳам, катта-кичикнинг кўкрагию гап-сўзида ҳам...
   Бу зотнинг сохт-сумбатию юриш-туриши менга илгаридан таниш кимларнидир эслатди. Дейлик, афт-ангори ўз замонасида ёшларга қарши тиш-тирноғи билан курашиб, «адабиётнинг жаллоди» сифатида ном чиқарган бир оқсоқолимизга ўхшаса, лоқайдгина, беҳафсала қўл силкиб қўйиши эса яна бир довдирроқ устозимизни ёдга соларди.
   Қабуллар толоридан чиққанимни биламан — эшик оғзида пойлаб турган ғамхўр товариш Майда Хону жонсарак товариш Як ва яна аллақандай товаришлар гувва ёпишиб, қўлларимни талаша-тортиша сиқиб, «улуғ доҳийни кўрмоқ шарафига, қўл олишиб саломлашмоқ бахтига муяссар бўлиб, тарихга кирганим» билан мени қутлай, олқишлай кетишди-ку! Агар бу шўрликлар мусулмон қавмидан бўлганида борми, мени шу тобда азиз-авлиёга айлантириб, бармоқларимни юз-кўзларига суртиб тавоф қилишлари ҳам турган гап эди. Шахсга сиғиниш деганларининг чек-чегараси йўқ экан-да. Бу борада, тавба қилдим-у, худойим ҳам ярим йўлда қолиб кетар экан!
   Товариш Як дарҳол қабул чоғи йўталган-йўталмаганимни суриштирди. Менинг йўталимни чеклаш тўғрисида қаттиқ топшириқ олганми ё ҳаёт-мамот масаласими бу унга — ким билсин! Лекин буни қарангки, на қабул — танишув чоғи, на суратга тушиш маросими мобайнида йўталибман-а! Улуғ доҳийнинг шарофатиданми ё салобати туфайлими, йўталим эсимдан чиқиб, шу бўйи батамом қолиб кетганига нима дейсиз, қойилмисиз? Тарихга кириш деб мана буни айтадилар!
   Саройдан қайтаётиб йўлда ғуррадан гап очган эдим, товариш Як чаён чаққан мисоли чийиллаб юборди:
   — Ничего подобного! Бу гапни қайтиб оғзингизга олманг! Кўзингизга шундай кўринган бўлса керак...
   Чиндан ҳам кўзимга бир бало бўлган шекилли, шу кеча телевизор олдида ўтириб ҳарчанд тикилмайин, бугунги маросимлар ҳақидаги ахборотда доҳийнинг гарданида ҳеч нима кўрмадим. Ё бир мўьжиза рўй бериб ғурраси, чойнакдек келадиган ғурра сўрилиб кетдимикан? Ахир, экранда у олиймақом гарданнинг ўзини кўрмаган бўлсам нима қилай! Доҳий бўйнини бурган заҳоти кадр алмашиниб кетаверади. Ё қудратингдан! Маҳоратингга тасанно!
   Эртаси куни батартиб товариш Як улуғ доҳий билан тушган суратларимиз босилган бир даста газета ва унинг каттакон конвертга жойланган рангли кўркам нусхасини келтириб қўлимга берди. Бу расм ҳозир уйимда, иш бўлмамда эсдалик бўлиб турибди. Кимки менинг «тарихга кирганим»га иштибоҳ билдирса, марҳамат, келиб кўриши мумкин!
   
   ШАХСАН ЎЗЛАРИГА ШОН-ШАРАФЛАР БЎЛСИН!
   
   Бугун эрталаб товариш Як совуқ хабар келтирди: Буриёда яна беш кун қолар эканмиз! Ора бузилгач, унинг айтишича, Московдан қатнайдиган самолёт ҳафтада бир мартагина келадиган бўлибди. Шу ҳисобда уйга қайтишимизга, бугунни қўшмаганда, яна беш кун бор.
   Анжуман кеча тугади, бугун ҳамма юрт-юртига жўнаб кетади. Биз эса тағин беш кечаю беш кундуз бу ерда қолмоққа маҳкуммиз. Тезроқ кетишнинг бошқа иложи йўқми? Бор, албатта, Пекин орқали учишингиз мумкин, марҳамат. Аммо бунинг учун анча-мунча сармоя керак бўлади. Сизнинг чўнтагингизда эса ўрис рублидан ўзга ҳеч вақо йўқ, бинобарин, Москов самолётини кутмоққа мажбурсиз. Ғарбий Буриё пойтахти орқали учиш ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас — бизнинг ул душман мамлакат билан, ўзларингга яхшигина маълум, ҳаво алоқамиз йўқ, бўлиши ҳам ақлга сиғмайди. Қолаверса, йиртқич капитализм ҳукмрон у юртда бир зум текинга нафас ҳам ололмайсиз...
   Хўш, беш кун бу ерда қолиб нима билан машғул бўламиз? Нима еб, нима ичамиз? Қаерда истиқомат қиламиз? Кимнинг ҳисобидан?
   Товариш Як эрмак килгандек кулимсираб елка қисди:
   —   Ўйлаб кўринглар, бирор чораси чиқиб қолар.
   Нимани ўйлаб кўрамиз? Ўйласак-ўйламасак, чўнтакларимизда Московга қайтишга етадиган ўрис рубли бор, холос. Бари ҳисоб-китобли, ортиқча бир чақамиз ҳам йўқ. Бунақа кунга қолишимизни туш кўрибмизми? Нима қилсак экан-а?
   —   Бунисини энди ўзларинг биласизлар, — шундай деб ярамас товариш Як қаёққадир ғойиб бўлди.
   Худо ёлғончи қилмасин, ҳар биримизнинг чўнтагимизда яна йигирма доллардан ақча бор эди. Лекин йигирма доллар нима деган гап? Тўрт қути бундайроқ сигарет ёки беш-олти шиша «биа», вассалом! Айтишича, товариш Бахтиёр шуниям сарфлаб қўйибди — отасининг дардман оёғига деб аллақандай малҳамдори сотиб олганмиш. Мана сизга бу ёғи! Мен шу зормондани ҳам маҳкамада катта бир лавозимни эгаллаб ўтирган акахонимизга қўнғироқ қила-қила базўр, соғ тишини суғургандек бир азобда ундирган эдим. «Майли, чўнтак пули қиларсизлар», дея зўрға имзо чекиб берган эди у азамат.
   Ўн кунлик сафарга — йигирма доллар чўнтак пули, кулгили эмасми бу, масхара эмасми? Қайси бир хизматлари эвазига ҳозир мамлакатма-мамлакат элчилик қилиб юрган ўша акахонимизга йигирма доллар бериб кўринг-чи, олиб кетини артармикан?
   Шу тахлит товариш Бахтиёр иккимизнинг бошимиз қотиб ўтирганда қаёқдандир товариш Як, оғзи қулоғида, хушхабар билан .кириб келди:
   —   Бир-бировларийгни табриклашларинг мумкин, қолган беш кунлик барча сарф-харажатни — мусофирхона ҳақию ресторандаги ейиш-ичишларингни Буриё халқ демократик ҳукумати ўз зиммасита оладиган бўлди!
   Унинг тантанавор гап йўсинига ҳамоҳанг мен ҳам шундай тантанаворлик билан, миннатдорлик аралаш хитоб қилдим:
— Яшасин Буриё халқ демократик республикасининг бева-бечораларга меҳрибон, ғамхўр, олижаноб ҳукумати!
— Ана бу бошқа гап, товариш Эркин ака! — дея мақтади мени товариш Як, сиёсий онгим пича ошганидан чиройи ёришиб. — Энди қолган кунларинг ҳам сермазмун ўтиши учун сизларга атаб махсус дастур тузмоғимиз керак бўлади. Таклифларинг ё бошқа хоҳиш-истакларинг бўлса, марҳамат, менга ёзиб беринглар.
Раҳбар сифатида мен айтиб турдим, хушхат товариш Бахтиёр қоғозга туширди:
1.   Россия Федерацияси элчихонасини зиёрат.
2.   Буриё Миллий ахборот маҳкамаси фаолияти билан танишув.
3.   Оддий буриёликлар хонадонини бориб кўриш ва ҳоказо.
Тағин бир истагим ўта шахсий илтимос тарзида бўлиб, уни бу қадар расмий таклифлар сирасига қўшмоқни эп билмадим.
Қоғозга кўз югуртирган товариш Якнинг қошлари чимирилди.
— Россия элчихонасида нима бор, сизлар мустақил давлат вакилисизлар-ку? — деди ҳамма гапдан бохабар бу шайтон норози бўлиб.
— Гап шунда-да, — дедим мен салмоқ билан ва ўзимда йўқ ваколатни суиистеъмол қилмоққа киришдим: — Биринчидан, яқин келажақца биз бу ерда элчихона очиш ниятидамиз, бинобарин, элчихона фаолияти ва мавжуд шарт-шароитлар билан танишмоғимиз даркор. Иккинчидан, ўзингизга маълумки, яқиндагина биз ҳам собиқ Иттифоқ таркибида эдик, бинобарин, бу элчихонада бизнинг ҳам ҳақимиз, улушимиз бор!
— Бўпти, кўрамиз, — деди муғамбир товариш Як қоғозни тўрт буклаб кўкрак чўнтагига тиқиб қўяркан.— Ўйлашиб кўрамиз.
Ростакамига ўйлаб кўрди бу хумпар! Уйлаб кўриб, таклифларимиздан биттагинасини ҳисобга олибди. Униям чала-ярим. Элчихона масаласида эса, бизни у ерга йўлатмасликнинг ҳар чорасини қилиб кўрди деса бўлади...
   Тушдан кейин Москов самолётига патта олиб қуйгани «Аэрофлот» ваколатхонасига бордик. Паттахонага кириб чиққан товариш Як мотамсаро қиёфада бизга маълум қилди:
   —   Ишлар чатоқ, товаришлар, берган пулларинг бир кишининг қайтишигагина етар экан! Ўзларинг танланглар, қани, ким кетадию ким қолади?
   Бу хабардан капалагимиз учиб, дарди дунёмизни зулмат қоплагандек бўлди. Бу қанақаси, ахир? Тошкентдан хазонга айланиб бўлган рублнинг бир тўрхалтасини орқалиб келиб, ярмига Московдан бу ёққа патта олган, қайтишимизга мўлжалланган ярми эса шу кунга қадар чамадонларимизнинг ярмини эгаллаб ётган эди. Энди нима қилдик, товариш Як, бирор йўлини кўрсат йўлбошчимиз бўлсанг?
   —   Марҳамат, ўзларинг кириб сўраб чиқишларинг мумкин, — деди товариш Як совуққина қилиб. — Шу бир ҳафта ичида йўл ҳақи икки карра оширилганмиш. Капиталистик Россиянинг бизга қаратилган навбатдаги найранги-да бу! Қани, ҳал қилинглар, ким кетадию ким қолади?
   Товариш Бахтиёр менга қарайди, мен — товариш Бахтиёрга.
— Сиз кетақолинг, — дейди у ниҳоят кўзини ерга тикиб, ўзимизнинг тилимизда.
— Сиз-чи, сиз нима қиласиз?
— Билмасам... Московга боргач бирор иложини топарсиз балки, — дейди тобелик ҳолига аллақачон кўниккан бечора товариш Бахтиёр алланечук мунг ва умидворлик билан.
Сирли товариш Як тағин аллақаёққа ғойиб бўлган. Ҳар ёққа сим қоқиб, жонажон партия ва ҳукуматидан маслаҳат ёки ёрдам сўрамоқ ташвишида юрган бўлса ажаб эмас. Агар чиндан ҳам шундай бўлиб чиқса, оддий ғоявий товариш эмас, чинакам инсон экан бу йигит!
   Янглишмаган эканмиз, у бир вақт гул-гул яшнаб олдимизга келди:
   —   Масала ҳал, товаришлар, бир-бирларингни табриклашларинг мумкин — икковингиз ҳам учадиган бўлдингиз! Буниям Буриё ўз зиммасига олди!
   Ўзимни тутиб туролмадим — рўпарадаги бино бўйлаб шабадада ҳилпираб турган улуғ доҳийнинг улкан алвон сиймосига қараб ҳайқириб юборибман:
— Яшасин халқпарвар, камбағалпарвар, саховатпеша Буриё ҳукумати! «Улуғ доҳий» товариш Хон Ман Менга шон-шарафлар бўлсин, урра!
— Яхшимас, товариш Эркин ака, яхшимас, — деди товариш Як таънаомуз.
Шунда сал ошириб юборганимни пайқадим. Лекин бу юртда тағин беш кун, заҳар-заққумга тўла беш кун қолишини кўз олдига келтирган одамдан бошқа қандай ҳам гап чиқарди дейсиз!
   
   МУНОФИҚЛИК ТАНТАНАСИ
   
   Дунёда Хониядек озода шаҳар йўқдир.
   Дунёда Хониядек кўркам мадина топилмаса керак.
   Хония — сўлим мажнунтоллар, гулу гулзорлар шаҳри десак ярашади.
   Хония — муҳташам саройлар шаҳри дейилса-да лоф бўлмас.
   Хония — осмонўпарлик бобида ўзаро баҳслашган меҳмонхонаю мусофирхоналар маскани десангиз ҳам ҳақингиз кетмайди.
   Хония — сурункали байраму тантаналар, намойишу томошалар шаҳри.
   Хония — алвон шиорлару оташин ғоялар ўчоғи.
   Хония — инқилоб бешиги, инқилоб беланчаги...
   Ватанпарварларнинг айтишича, бу шаҳар миллий озодлик ғалаёни, кейинчалик эса фуқаролар муҳорабаси йиллари ер билан яксон бўлган экан. Тинч қурилиш даврида бош меъмор — улуғ доҳий раҳнамолигида у тамомила янгидан барпо этилибди.
   Дарҳақиқат, бутун бошли шаҳар бамисоли бир кишининг — ишига пишиқ-пухта, режали-расамадли, қаттиққўл бир хўжайиннинг рўзғори, хонадонига ўхшайди. Қаёққа қараманг — ораста, озода, супурилган-сидирилган. Кўча-кўйлар кенг, равон, боғ-роғлар яшнаб кўзни олади. Лоф бўлса ҳам, чаманзорлардаги ҳар чечагу дарахтлардаги ҳар бир япроқ артиб-суртиб қўйилгандек. Аслида ҳам шундай: шаҳар марказидаги чорраҳалардан бирида оқ кофта ва қора юбка кийган бир тўда қиз, бир қўлида челак, бир қўлида латта, хиёбон оралаб гулбаргларни битта-битта артиб чиқаётганини камина ўз кўзим билан кўрдим. Ҳар эрта шу манзара. Таҳсин айтмай иложингиз йўқ.
   Бу шаҳарда мажнунтолнинг кўплиги! Ҳаммаёқда шу дарахт — йўл-йўлкалар бўйида ҳам, майдону гулзорларда ҳам. Бошқа оғоч деярли кўринмайди. Буларнинг тагида ҳам боягидек челагу латта кўтарган жонсарак қизлар тимирскиланиб юради: ерга бирорта барг тушмаслиги керак!
   Шаҳар-ку шаҳар, унинг тевараклари ҳам шундай кўркам, батартиб. Уру қир — ҳаммаёқ, ҳар тараф экинзор, яшнаб ётган экинзор. Бошида соябонли қалпоқ, оқ кофтаю қора юбка кийган қиз-жувон узоқ-яқин пайкалларда тўда-тўда бўлиб жавлон уриб юрибди. Озод меҳнат таронаси. Лекин шўх яллалари негадир эшитилмайди.
   Челак кўтарган фаррош қиз-жувонларни шаҳардан ташқари йўл бўйларида ҳам учратиш мумкин. Бу шаҳарнинг ичкарисию ташқариси бирдек озода, ораста бўлмоғи шарт!
   Баландроқ жойдан, дейлик, мусофирхона деразасидан туриб назар ташласангиз, Хония худди хаёлпараст мусаввирнинг орзуманд мўйқаламидан чиққан бежирим, бенуқсон бир рўёдек ярқираб кўринади. Негадир бари бир хил муддатда бино этилмиш сон-саноқсиз оппоқ қасру саройлар, кўркам боғу кенг-кенг сайилгоҳ майдонлар, неча йилда қуриб битказилиши, афсус, эсимда йўқ, лекин шаклан бир-бирини асло такрорламайдиган (уларда одам бор-йўқлигидан сўз очиб, маломат орттириб юрмайлик тағин!) аломат мусофирхоналар!
   Ҳа-ҳа, чинакам келажак шаҳри бу, коммунистик шаҳар! Булар барининг бош меъмори, бош бунёдко-ри — бир киши, яккаю ягона зот!
   Келинг, энди осмонўпар бино ва баландпарвоз гапларни қўйиб, пастга тушайлик.
   Пастда... Ҳамма деярли бир хил кийинади. Одми, жуда одми. Бир вақтлар ўзимизда ҳам расм бўлган якранг китель-шим, вассалом. Нимаси биландир ўзимизнинг қишлоқ одамларини ёдга солади. Қиз-жувонларнинг либоси ҳам шунақа — оқ кофтаю қора юбка. Ортиқча ҳашам, ҳою ҳавас кўринмайди. Бунга рухсат йўқ. Ҳайдовчиларнинг энгил-боши сал фарқ қилади — ҳарбий-нусхага яқинроқ. Мшдационерларники, табиийки, бошқача — ҳов Наврўз акамнинг замонидан қолган.
   Лекин, беистисно, барчанинг кўкрагида бир хил тамға — улуғ доҳий сиймоси акс этган нишонча!
   Милиционерларнинг либосидан сўз кетганда Наврўз акани эслаганим бежиз эмас. Эллигинчи йилларда Бойсунимизда Наврўз ака дегич милиционер бўларди. Ўзи, айниқса, махсус либосда баджаҳл, важоҳатли кўрингани билан жуда юмшоқкўнгил, кечиримли одам эди. Эгнида итёқа, томоққача тугмаланадиган ёзлик оқ мундир, сарғиш, ялтироқ тугмаларида бешқирра юлдуз тасвири, елкаси аралаш турли тасмаю камар, белида ваҳимали тўппонча — худди ашаддий бир безорининг изидан тушгандек шахду шиддат билан юрарди. Биз, болалар у киши тўғрисида ҳазилнамо бир накл ҳам тўқиган эдик:
   «Тўппончаси белида —
   Наврўз акам милиса!
   Қилган иши — пўписа:
   Бир сўм берсанг қўлига,
   Қайтиб кетар йўлига».
   Хонияда милиционер сероб, ҳар қадамда учрайди. Аксарияти — ёш-ёш қизлар. Айниқса, йўл назорати хизматида. «Наврўз акам»нинг либосини кийиб олиб, чорраҳаларда машиналарга йўл кўрсатиб туришади. Йигирма етти ёшга етгунча ватанга хизмат қилмоқлари шарт. Ундан кейин... мумкин.
   Бошқаларини билмадим-у, биз истиқомат қилган мусофирхона бағоят серҳашам, дабдабали эди. Шарт-шароити ва қулайликлари борасида Ғарб мамлакатларидаги шу тур масканлардан ўтса ўтардики, асло қолишмасди. Хоналар шинам, баҳаво, барча анжоми муҳайё. Бироқ негадир ҳаммаёқдан — турган хонангизу пастдаги вестибюллардан ҳам аллақандай ҳид, чамаси, шоли маҳсулотларининг ҳиди келарди. Лекин бу ердаги беминнат хизматга тан бермай иложингиз йўқ. Хонадан чиқдингиз дегунча, жами ашёларни бир сидра янгилаб қўядилар. Бирор жойга чангу ғубор ўрнашганини кўрмайсиз. Эътибор, интизом деганлари шу қадар! Сизни кўрганда алланечук қимтиниб, уялинқираб турадиган, кўриниши бечораҳол бу хизматкор аёлларнинг чаққонлигига, заҳматкашлигига лол қоласиз.
   Мусофирчиликда юрган одам, ҳар куни янги оҳорланган либос киямиз десам, ишонаверинг. Дастлабки кунлар хизматчи аёлнинг кираверишдаги эшик олдида ётадиган аллақандай халтачани кўрсатиб, имо-ишоралар билан нимадир деб чулдирашига аҳамият бермабман. Кейин товариш Бахтиёрдан эшитиб билдим: эрталаб ана шу халтачага кир-чирингизни солиб қўйсангиз, кечқурун келиб топ-тоза ювилган, дазмолланган, оҳорланган ҳолда кўрасиз. Бир гал Бахтиёр ҳаддидан ошиб ҳатто костюмини ҳам ўша сирли халтачага солса, яп-янгидек бўлиб қолибди. Теп-текин. Беминнат. Чойчақа узатгудек бўлсангиз, қочиб кетади. Социализм-да. Ўрнига, одамига ва мавридига қараб муомала қиладиган ҳушёр, поқдомон социализм!
   Бу аломат шаҳарда туғилиш бор — ўлиш йўқ. Бунда яшариш бор — кексайиш йўқ. Бутун шаҳарни кезиб чиқсангиз ҳам бирорта мункиллаган қарияни ёки майиб-ногиронни учратолмайсиз, ажаб ҳол! Унақалар ё шаҳардан кўчириб юборилади, ё махсус муассасаларга элтиб жойлаштирилади. Намунавий социалистик жамият ҳар турли майиб-мубталолардан, жисман носоғ, норасо, бадбашара «унсур»лардан холи бўлмоғи керак! Беихтиёр саксонинчи йиллардаги Москов олимпиадаси арафасида қўлланган муваққат чора — ҳар турли қаланғи-қасанғи, майиб-мажруҳ, майхўру безори ва фоҳишаларни шаҳардан чиқариб юбориш манзараси хотирга келади. Ўхшашликни қаранг! Мақсад-муддаонинг бирлиги, муштараклиги дунёнинг икки чеккасида яшаётган одамларни ҳам якдил қилади, туғишган ака-укага айлантириб қўяди!
   Мен бу гапларни осмондан олиб ёки ўзимча тўқиб айтаётганим йўқ, зинҳор-базинҳор. Бу маълумотлар «ишончли манба» — Диққинафас элчининг оғзидан чиққан. Унга ишонмасликка эса менда — атиги беш-ўн кунлик мусофирда ҳеч бир асос йўқ.
   Хонияни сурункали байрамлар шаҳри, дедик. Ҳақиқатан шундай. Қачон қараманг — бутун мамлакат аллақандай байрамга тайёрланиб ётгандек. Қаёққа қараманг — улкан байрам тантаналарига ҳозирлик. Доимий ҳозирлик. Айниқса, байрамлар арафасида катта-катта майдонлар ёшларга тўлиб кетади. Улар кун бўйи оёқда тикка, офтобнинг тиғида, турли тусдаги либосларга бурканиб, турли тантанавор шакллар ясаш билан овора. Юзлаб-минглаб йигит-қиз. Байрам куни улуғ доҳий «севимли раҳбар» аталмиш укаси ҳамда бошқа сафдошлари қуршовида келиб, юзлаб-минглаб одамдан ясаладиган бу жонли гулларни мароқ билан томоша қилади. У ана шунақа рангин томошаю тантаналарни хуш кўради. Сирасини айтганда, бу каби тадбирлар шу биргина зотнинг таъбига мослаб, унинг кўнглини овламоқ, вақтини чоғламоқ мақсадида қилинади. Янада дангалроғи — бутун мамлакат шу банданинг хизматида, бир кўнгил майлининг ижроси билан машғул. Дарвоқе, бу тўймас-тинчимас шуҳратталаб кўнгилнинг бошқа муддаоси ҳам бор. У чет эллик меҳмонларга, иложи бўлса-ку бутун жаҳон аҳлига юртининг социализм қуришдаги мислсиз ютуқлари, афзалликларини мана шу сингари томоша-тантаналар орқали ҳам намойиш этмоқни истайди. Келсин, кўрсин, билсин, социализмнинг буриёча шаклига таҳсин-тасаннолар айтсин!
   Ҳа-ҳа, улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен бу дунёга бекорга келган эмас, умри бекорга ўтаётгани йўқ, аҳли олам билсин! Унинг ва инисининг портрети ҳар бир буриёликнинг уйи тўрида турибди! Унинг табаррук сиймосию ўлмас ғоялари ҳар бир буриёликнинг кўксидангина эмас, миясидан, юрагидан, вужуд-вужудидан мустаҳкам жой олган! У ёғини сўрасангиз, миллион-миллион одам истиқомат қиладиган мана шу жаннатмонанд шаҳар ҳам унинг шарафли номи билан аталади! Шаҳар марказидаги баланд тепаликка ўрнашган парламент саройи қаршисида бўй чўзган осмон баробар чўнг ҳайкал ҳам уники! (Айтишларича, Ўрта Осиёдаги Тошкент деган шаҳарда ҳам жаҳон йўқсилларининг доҳийсига шунга яқин бир ҳайкал тикланган экан, аммо мустақилликка чиққач, социализм ғояларини рад этиб, уни ағдариб ташлабдилар. Афсус, афсус! Яхшиликни билмаганлар! Майли, ўзларидан кўришсин, бир кун келиб пушаймон қилишлари муқаррар!) Ҳа-ҳа, товариш Хон Ман Мен бекорга яшагани йўқ, умри бекорга ўтаётгани йўқ!
   Шаҳарнинг қоқ ўртасидаги ясама тепаликда катталиги уйдек келадиган бир расм — панно бор. Унда олис уфқдан заррин нурлар сочиб бош кўтариб келаётган қуёш, ям-яшил ўтлоқлар, гулгун чаманзорлар ва дўмбоққина бир болакай тасвири солинган. Болакай, чеҳрасида ёшига номуносиб бир шижоат, қуёш сари қўл чўзиб турибди. «Улуғ доҳий товариш Хон Ман Меннинг беш яшарлик чоғи, — дея изоҳ беради зукко товариш Як. — Илк бор жонажон Буриёни истибдод чангалидан озод қилиш ва коммунизм ғояларини рўёбга чиқариш режаларини тузаётир».
   Бу гапга нима дейсиз! Лекин миллионлаб одам, миллион-миллион буриёлик бу риё ва рўёларга ишониб, ширин алдовлар оғушида яшамоқда. Начора, эътиқод — ўлимдан кучли. Зулм эса ундан-да қудратлироқ.
   Бир оқшом бекорчиликдан Бахтиёр иккаламиз шаҳарнинг марказий кўчаси бўйидаги пештоқлари ярқираб турган биноларнинг ҳовли тарафига ўтиб, таажжубда қолдик: на сувоқ, на пардози бор — қоп-қора яланғоч бетон. Очиқ айвончаларда одам ғиж-ғиж, ҳар хил лаш-лушлар, эски-туски жандаларми уюлиб ётибди, қимирламоққа жой йўқ. Хуллас, руҳни топтайдиган беҳад аянчли бир манзара. Негадир бирорта деразада парда кўринмайди. Биринчи қаватдаги уйларнинг қайси бирига мўраламанг, ичкари деворда оға-ини — доҳий ва доҳийликка даъвогарнинг портрети ёнма-ён. Билмаган одам бу ерларни корхона ё бирон бир муассаса деб ўйлаши мумкин. Аслида ундай эмас, уй бу, оила-оила бўлиб истиқомат қилинадиган оддий хонадонлар. Шу чордеворларида ҳам эркин юролмас экан-да булар — деразалар очиқ-ойдин, номаҳрам бўлса, бу ёқда девордан икки жуфт кўз давлат назари билан тикилиб, ҳар бир хатти-ҳаракатингизни гўёки текшириб турса...
   Мана сизга «медалнинг иккинчи томони»! Мана сизга зарбоф тўннинг авра-астари!
   «Медалнинг у ёғи»ни эса кўрган-билганимиз бўйича, қўлимиздан келганича таърифлаб бердик. Дарвоқе, бунга ҳожат бормиди? Ахир, буларнинг бари ўзимизга яхши таниш, ўзимиз кўрган, шоҳид бўлган манзаралар-ку! Эллигинчи йилларнинг бор ҳаётдан йироқ, нуқул шод-хуррамликни, коммунизм гулбоғларию порлоқ истиқбол ва нурли чўққиларни тараннум этувчи чучмал, ялтироқ кинофильмлари, баланд минбардан туриб намойишчи оломонга қўл силкиб қўяётган мўйловдор доҳий ва пастда — майдонда унинг кўнглини хушламоқ учун ўлиб-тирилиб ўзини ҳар кўйга солаётган меҳнаткаш халқ оммаси ёдингиздадир? Ҳа, балли. Биз куйиб-пишиб тасвирламоққа уринаётган манзаралар, лўнда қилиб ифодалаганда, худди ўшаларнинг ўзи! Улардан-да юз чандон ортиқ!
   Эҳтимол, дунёда Хониядек озода шаҳар йўқдир.
   Эҳтимол, дунёда Хониядек кўркам мадина топилмас...
   Лекин дунёда Хониядек зерикарли, Хониядек юракларни қон қиладиган жой ҳам бўлмаса керак.
   
   ЎН КУН - ЎН ЙИЛ
   
   Бундан кўп йиллар бурун, саксонинчи йилларнинг ўрталаримиди, московлик бир ёзувчи дўстимнинг Можористон ҳақидаги китобчасини мақтаб қўйиб «балога қолган» эдим. «Будапештни кўрмабсан — бу дунёга келмабсан! «Кичкина Париж» дейдилар уни! Сен у ерга албатта боришинг керак!» дея қистаб туриб олди дўстим ва ўзи ташаббус қилиб ёзувчилар уюшмаси орқали менга йўлланма тўғрилаб берди, ўзи самолётга кузатиб қўйди. Чинакам мўъжиза шаҳар — Будапештни тенг иккига бўлиб оқадиган азим Дунай бўйидаги саранжом-саришта, барча шарт-шароити муҳайё ижара хонадонда бир ўзим ўн беш кун истиқомат қилдим. Эрталаблари Ибоя деган таржимон аёл келади, икковлон шаҳар бўйлаб айлангани чиқамиз: турли-туман музею театрларга борамиз, қадимий ҳайкалларга тўла истироҳат боғларида кезамиз, китоб дўконлари ва нашриётларда бўламиз, кўргазма залларини томоша қиламиз, «Иллюзион» кинотеатрида ўша кезлар биздан бошқа дунёларда машҳур бўлган фильмлар намойишида қатнашамиз, хуллас, кўнгил тусаган гўша — ўзимизники. Бизга хўжайинлик қиладиган ёки қўйган қадамимизни санаб юрадиган жонзот йўқ.
   Ўшанда мен ўн беш кун бир ўзим яшаб, бирор дақиқа зерикканимни эслаёлмайман. Бу ерда эса, анжуман тугар-тугамас, икки мусофир ўзимизни қаёққа қўяримизни билолмай қолдик. Жаҳонгашта занжининг кечаги замзамаси ҳам кўнгилга ғулғула солган эди. Товариш Як тавсия қилган дастурни кўздан кечириб, баттар диққатимиз ошди: унда бизнинг таклиф ва истакларимиз деярли ҳисобга олинмаган, бари олдиндан тайёрланган маълум рўйхат бўйичами, эҳтимол, отахон шахсан ўзи имзо чекиб тасдиқлаган «ғоявий мусаффо» манзиллардан иборат эди. Рўйхатга кўз ташлагандаёқ одамни эсноқ тутарди: «Товариш Хон Ман Мен номидаги кашшофлар саройида учрашув»; «Тов. Хон Ман Мен номидаги партия тарихи институтига ташриф»; «Тов. Хон Ман Меннинг уй-музейини зиёрат»; «Тов. Хон Ман Мен номидаги туғруқхонага саёҳат»...
   Энсамиз қотганини кўриб, қани, парво қилса бу тепса-тебранмас товариш Як! «Аравамга миндингми, ашуламга жўр бўлмоққа мажбурсан! Хохдасанг шу, хоҳламасанг — ҳов ана, катта кўча!» Мен шахсий илтимосимни эслатган эдим, «кейинроқ кўрармиз» дея мужмат қилиб қўйди у.
   Гоҳ пирдан, гоҳ муриддан, дебдилар. Гарчи товариш Як пиру биз мурид бўлмасак-да, партия тарихи музейига олиб борганида уни бир мулзам қилиб, аламимиздан чиқмоқчи бўлдик. Сирасини айтганда, бу ер ҳам партия тарихи эмас, улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен ҳаёти ва фаолияти тарихидан нақл қилувчи бир жой экан. Собиқ коммунист, партиявий қонун-қоидаларни яхши биладиган товариш Бахтиёр шўрлик товариш Якни саволга тутиб қолди-ку! Масалан: «Айтинг-чи, товариш Як, ўн тўрт йил мобайнида бирор марта қурултой чақирилмагани партия низомига хилоф ҳол эмасми?» «Асло. Халқ оммасининг, унинг илғор қисми ҳисобланмиш партия фаолларининг хоҳиш-талабига кўра шундай бўлган, — деб жавоб беради бурро товариш Як безбетларча. — Бизда демократия барқарор!» Гапни қаранг! Ким буни халқдан, унинг «илғор қисми ҳисобланмишлар»идан сўраб ўтирар экан?! Бунақа вазиятда аксинча — бирор фалокат рўй бермасин деб, имкон қадар халқдан қочилади, қоидаси шу! Дейлик, халқлар отаси бўлмиш мўйловдор доҳий бизда худди шундай йўл тутган ва тарихдан маълумки, янглишмаган, ютиб чиққан. Демократия эмиш! Лақиллатмоқчи экансан, социализм нафаси етиб бормаган бирор юртдан келган бирор анойини топиб лақиллатганинг маъқул эди, товариш Як!.
   Товариш Бахтиёр яна нозикроқ ниманидир сўраб товариш Якни ҳам, музей ходимини ҳам каловлатиб қўйди. Кечагина ювош, сипогина бўлиб юрган одам, риёкорликлар жонидан ўтибми, ана шундай шаддод, бетгачопарга айланиб қолган эди.
   Роҳбонимиз, сезгир роҳбонимиз бундан тегишли хулоса чиқариб, боражак манзилларимизга таҳрирлар кирита бошлади. Аммо қаерга қадам босманг, манзара ўша-ўша эди — олам гулистон! Эшик оғзида миллий либосга ўранган уч-тўрт сертабассум қиз етти букилиб таъзим билан кутиб олади. Сўнгра, оғзингиз тотли бўлсин дегандек, бир бордоқ-бир бордоқ нимтатир мева шарбати тутадилар. Кейин бояги қизлардан бийронроғи бу даргоҳнинг тарихию келажаги хусусида бахтиёр бир оҳангда сўзлаб беради. Охирида — қўлингизга бир даста рангли-рангсиз маълумотномаю йўриқнома тутқазиб, хайр-хўш.
   Бу сохта лутфу илтифотлардан безиб, безор бўлиб кетдик десам, нонкўрлик, ноинсофлик саналмасмикан? Хоҳиш-талабимизга биноан олиб борилган ягона жой — марказий телеграф маҳкамаси бўлди. Чамаси, у ерга олиб бормасликка баҳона топиш иложи йўқ эди. Бизга энг керакли, лекин бизни энг совуқ қаршилаган жой ҳам шу бўлди дейиш мумкин. Қатор-қатор соқчилар текширувидан ўтказиб, одмигина бир хонада товариш Як бизни бири биридан кўҳна икки қарияга рўпара килди. Улар маҳкама раҳбари, яъни ахборот вазирининг ўринбосарлари бўлиб, боёқишлар биздан тезроқ қутулиш чорасини тополмай роса азият чекишди. Оддий-оддий саволларимизга ҳам саросимага тушиб, асабийлашиб, икки муовин ўзаро узоқ муҳокама қилиб, тортиша-тортиша, сўнг зўрға жавоб қилишарди. Азбаройи шарти кетиб парти ҳам қолмаган бу нотавонларга раҳмимиз келганидан биз ҳам учрашувни юмалоқ-ёстиқ қилиш пайида бўлдик. Билмадим, кимдир уларга бизни кам эмас, кўп эмас, нақд Марказий разведка бошқармасининг ўта хавфли хуфиялари деб етказганми...
   Товариш Якнинг зулмидан холи чоғларимизда менинг хонамда (товариш Бахтиёр, ҳартугул, бу ерга кирмоққа ҳақли) ўтириб, телевизордан муттасил кўрсатиладиган ишлаб чиқариш илғорлари билан учрашувларга бағишланган ёки шонли инқилобий курашлардан накд этувчи саёз-саёз фильмларни эрмак қиламиз. Уларнинг бош қаҳрамонию ижобий қаҳрамони ўз-ўзидан маълум — ўша биргина зот! Бу тилда бирор сўзни билмаса-да, товариш Бахтиёр ўзича шўхликка уларни «дубляж» қила бошлайди. Роса кулгили чиқади. Шеригимнинг «таржимон»лик маҳоратига тан бериб, мен думалаб-думалаб куламан. Дарвоқе, бу кўрсатувларни таржима қилмоққа ҳожат ҳам йўқ, шусиз ҳам бари тушунарли. Бошқа нима иш билан машғул бўлайлик ахир, зерикиблар ўлади-да одам!
   Кечқурунлари тоза ҳаводан нафас олгани, аслида кўнгил ёзиб келгани бирпас кўчага чиқамиз. Лекин — кўнгил ёзмоқ қаёқда! Кўча ҳам дилгир, руҳсиз, зерикарли! Ҳолбуки, пойтахтнинг энг гавжум марказий кўчаларидан бирида жойлашган энг кўзга кўринган мусофирхона олдида турибмиз! Шунда ҳали нотаниш товариш мухтор вакил келажакдан туриб мен билан хаёлан таънаомуз баҳсга киришади.
   Намунча сиқилмасангиз, товариш Эркин ака! Теварак-атрофингиз ғиж-ғиж одам-ку! Биргина мусофирхонадаги сиртдан икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш, туққан онаси фарқлай олмаса, бошқа мардум асло фарқлаёлмайдиган, бари бир хил оқ кофтаю қора юбка кийган қатор-қатор нозанинлар-чи, қаранг! Эътибор қилгандирсиз, уларнинг орасида кўзга яқинроқ бирови гоҳо олифтагарчиликка шим ҳам кийиб қолади. Бу ер — ажнабийлар мусофирхонаси, кўриб қўйинг, биз ҳам чакана эмасмиз, дегандек. Хўжакўрсинга у ёқдан-бу ёққа атай йўрғалаб туради. Чамаси, унга рухсат этилган. Аслида бор-йўқ вазифаси ҳам шундан иборат бўлса керак. Чунки хизматдан қайтаётиб, аҳамият берган бўлсангиз, шимини ечиб кетади. Ечмай кўчага чиқиб кўрсин-чи!
   Хўжакўрсин лавозимда хизмат қиладиган шу қизгина кўзингизни ўйнаттан чиқар, тўғрими? Ахир, бошқа овунчоқ йўқ бу ерда — қарғанинг оқи ҳам бирдан кўзга ташланади-ку! Оқшом кезлари мусофирхона олдида соатлаб атрофга аланглаб турасиз. Ён-верингиздан гурас-гурас бўлиб қиз-жувонлар ўтади. Улар бари бир хил — қийиқкўз. Бу юрт аҳлининг бари шундай. Фақат сизу биродарингиз — товариш Бахтиёргина бошқача. Кўнглингизда шу илинж, теваракка кўзингизни йириб-йириб боқасиз: биз бошқачамиз-ку, зора, бирортаси... Эсингиздами, талабалик йилларингиз жонажон Тошкентингиздаги энг нуфузли ҳисобланган «Тошкент» ва «Ўзбекистон» мусофирхоналари олдида битта-ярим ажнабий сайёҳ атрофга худди мана шундай олазарак, ҳангаматалаб нигоҳ билан тикилиб турарди? У вақтларда чет эллик сайёҳлар юртингизда сийрак эди-да, атлас кийган ўзбек қизлари улар орасидан қораталоқ занжиларни қўйиб, нуқул бошига салла ўраган мўйловли ҳиндиларга қизиқиш ва ҳавас билан тикилгани тикилган эди: анови Раж Капурнинг укасимикан, жияни? Вой-вой, қуйиб қўйгандек ўзига ўхшайди-ку — ўғли бўлса керак, ўғли, қара! Ўғиллари кинода чиққан, ким танимайди, ҳув кинода-чи, номи нимайди, ҳаҳ қурғур, тилимнинг учгинасида турибди-я! Йўқ, бу ё аммасининг ўғли, ё тоғасининг, ана, қаранглар, тўчний ўзи! Ия, бунинг салласи бор-ку? Вой, булар доим шундоқ саллада юради-де, кинода ўрамай чиқади... Бу қақажонларнинг шувур-шувуридан саросимага тушган шўрлик сайёҳ, бирор жойим очиқ қолибдимикан, деган ўйда эгни-бошини кўздан кечирмоққа тушади. Ҳиндистон — бепоён мамлакат, бу ҳам оддий бир сайёҳ ёки тужжор, умри бино бўлиб Раж Капур номини ё эшитган, ё эшитмаган — худо билади. Сиз эса, мана, яқин бир соат бўладики, шеригингиз билан мусофирхона олдида сигаретни эрмак қилиб турибсиз, икки кўзингиз ўтган-кетганда. Тўғри, сизлар буларга ўхшамайсизлар, ўзга юрт, ўзга иқлим фарзанди эканликларингиз кундек равшан. Балки бу мамлакатда ўзга юртдошларинг йўқдир, балки умуман бу атроф-жавонибда якка-ягонадирсизлар, аммо бирон бир саёқ ит ҳам сизларга ўгирилиб қарамайди. Эҳтимол шуниси алам қилаётгандир, а, лаббай?
   Эҳтимол шундайдир, товариш мухтор вакил. Дарҳақиқат, юртингизда кечалари негадир уйда ўтириб эмас, кўчадаги симёғочлар атрофида, хира ёғдуда уймалашиб китоб ўқиётган илмга чанқоқ ёш-ялангни кўп кўрдик, бироқ бемалол гаплашиб турган ёки қўлтиқлашиб юрган бирорта ҳам йигит-қизни учратмадик. «Ишончли манба»мизнинг пичирлаб хабар беришича, бундай ҳол юртингизда қаттиқ қораланар, ҳатто таъқиб қилинар эмиш. Бунисига нима дейсиз, товариш мухтор вакил? Келинг, важ қидириб овора бўлманг — биз эшитган манба чиндан-да ишончли, инобатли!
   Мусофирхонада шим кийиб юрган қизгина кўзимизга иссиқроқ кўрингани рост. Негаки у кўз-қоши билангина эмас, равиш-рафтори билан ҳам бошқалардан яққол ажралиб турар, унда эркин дунёларнинг алланимаси бор эди. Бошқалари эса... нега бундай? Қайсидир йили мен ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғида дам олганимда ғарбий Буриёдан келган раққосалар дастаси ҳам ўша ерда истиқомат қилган эди. Бари ойдек-ойдек, нақд ўзимизнинг «Баҳор» нозанинлари дейсиз! Асли бир миллатга мансуб бўлатуриб, нечун бу ерлик қизлар бу қадар маҳзун, абгор-афтода? Бирорта кўзни қувнатадигани учрамайди-я! Гап шим кийиш-киймасликда эмас, албатта. Бонн шаҳрида ўтган халқаро анжуманда бир аёл диққатимни тортгани эсимда. У ранг-рўйи билангина эмас, изоҳлаш қийин бўлган бошқа бир жиҳатлари билан ҳам олмон хонимларидан кескин фарқланиб турарди. Мен уни негадир московлик деб ўйлабман, ўрисча сўзлашиб бунга амин ҳам бўлдим. Кейин билсам, у ҳам олмон экан, лекин шарқий — «шўровий Олмония»дан келган экан. Ажабо, ҳуррият, эркинлик деганлари одамзоднинг феъл-атворидагина акс этиб қолмай, унинг ранг-рўйи, афт-ангорида ҳам балқиб кўринар экан-да!
   Ўн кун эмас, ўн йилга чўзилгандек эди бу сафаримиз! Ҳар куни бир хил тартиб: уч маҳал овқатлангани емакхонага кирамиз, таъзимкор «Саида» табассум билан кутиб олиб, табассум билан кузатиб қўяди (кўнгилга ягона илиқлик!); ҳар куни бир хил таом — «фиш», «чикин», «биа»; сўнгра товариш Як етагида яккаш бир зотнинг номи билан аталувчи кўпдан-кўп манзиллар сари йўл оламиз.
   Улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен номидаги намунавий туғруқхонага борадиган кунимиз, ниҳоят, тоқатим тугади — ёрилиб кетдим.
   —   Товариш Як, — дедим иложи борича мулойим, вазмин сўзламоққа тиришиб, — рухсат берсангиз, мен ўша ёққа бормасам. Кўриб турибсиз, сочларимга оқ оралаб қолган, энди туғмасман, деб ўйлайман!
   Бу гапга кулмоқ ўрнига қатъиятли роҳбонимиз таънаомуз оҳангда огоҳлантирди:
   —   Ўйлаб кўринг, бу ўта муҳим тадбир! Кейин афсусланиб юрманг!
   «Сен-чи, сенинг нима баҳонанг бор?» дегандек шеригимга юзланди товариш Як. Сочлари қоп-қоралигидан пушаймон бўлиб товариш Бахтиёр ноилож унга эргашди. Кетишаркан, серинтизом роҳбонимиз менга тағин сиёсат қилди:
   —   Эртага бунақа қилмассиз? Эртага — бундан-да муҳимроқ тадбир!
   Биламан, муҳим, бағоят муҳим тадбир — Инқилобчилар қабристонига зиёрат!
   
   ХЎЖАКЎРСИН ҚАБРИСТОН
   
   Дарҳақиқат, бу жуда муҳим зиёрат эди. Шу қадар муҳимки, узундан-узоқ бу саргузаштларни ижикилаб ўтирмасдан, ана шу қабристон тўғрисидагина сўзлаб берилса ҳам кифоя қиларди.
   Инқилобчилар қабристони шаҳарнинг шимоли-шарқида, кўм-кўк дарахтларга бурканган обод тоғ эта-гида жойлашган; шаҳардан у баралла кўринади, қабристондан туриб қаралса, Хония ҳам кафтдагидек намоён.
   Инқилобчилар қабристони (бизнингча, коммунистлар мозори) аталмиш бу гўша аслида қуруқ даҳмалар кўргазмасидан иборат эди: бунда на лаҳад бор, на жасад, на бир суяк бор, на-да хок. Улуғ доҳий йўлбошчилигида инқилоб учун курашиб ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликлар мужассами — рамзий қабристон эди бу. Сафдошларини оловли, лекин омонсиз курашларга бошлаб кириб, уларни қурбон бериб, ўзи омон қолган улуғ доҳийнинг ўша марҳумлар руҳига гўё бир садақаси эди бу. Кураш алангаси ичида уларнинг хок-суяклари бу ороллар ўлкасининг қай пучмоғида қолиб кетганини ҳеч ким аниқ билмас, рўпарада тоғдек юксалган, гранитдан барпо этилган инқилоб рамзи — қизил байроқ инқилоб йўлида жон фидо қилган шаҳидларни, рамзан бўлса-да, бир жойга — шу улкан зиёратгоҳга жамлаган эди. «Байроқ» пойида офтобда ял-ял товланиб мангу олов ёниб турибди.
   Бу ерда ҳамма нарса баҳайбат, улкан, улуғвор эди. Зиёратгоҳ дарвозасининг ўзиёқ беҳад маҳобатли. Ки-раётганда қўлингизга бир даста гул тутқазилади, қайси қабрга қўймоқ лозимлиги ҳам аста шаъма қилинади. Сизга барибир эмасми, гул текин бўлганидан кейин қай гўрга деса қўяверасиз-да!
   Умуман, бу юртда текин гул улашув расм экан шекилли. Бир оқшом катта концерт олдидан ҳам ҳаммамизга гул улашиб чиқилди. Санъаткорларга тақдим этмоқ учун. Ажабо, гул кимга керак бўлса, ўзи сотиб олади, ўзи хоҳлаган одамга тақдим этади, шундай эмасми? Йўқ, ҳаммаси маълум тартиб билан, ҳурмат-эҳтиром ҳам, ихлос-эътиқод ҳам расамадига қараб тақсимланмоғи шарт экан. Оқибати шу бўлдики, оддинда ҳали зўр-зўр томошалар, зўр-зўр санъаткорлар турганини билмай, ҳамма қўлидаги гулни бошда чиққан ўртамиёнароқ бировларга тутқазди-юборди. Пулингиз куймаган-да, текин-да. Чинакам санъатга дуч келганингизда эса, бояги гулга ичингиз ачиб, беихтиёр чўнтак кавлаб қоласиз.
   Зиёратчилар бисёр. Ҳамманинг қўлида патта ҳақи эвазига берилган бир хил гул. Биз каби меҳмонларга кириш ҳам, гул ҳам текин.
   Залворли зиналардан бир-бир босиб юқорига ўрлайсиз. Ён-верингизда офтобда товланиб турган қатор-қатор тунжий бюстлар. Энг юқорида — биринчи қаторда — улуғ доҳийнинг сафдошлари. Унинг ўттиз икки ёшда оламдан кўз юмган биринчи хотини ҳам шу сафда. Бюстнинг икки ёнидаги қимматбаҳо шиша идишларда қоғоз гуллар. (Нега бундай — қоғоз гул? Сунъий чечак? Ана, атрофда гуркираб турган жонли чечаклар сероб-ку! Қайдам, ўлиб кетганига кўп йиллар бўлган экан, қолаверса, бу ёқда кейинги хотинларнинг ғишавасини ҳам ҳисобга олмоқ лозим бўлар.)
   Ундан бериги бир неча қатор ҳозирча бўш: супачаси ясаб қўйилган-у, бюст кўринмайди. Демак, энди ўладиганларга мўлжалланган. Демак, буларнинг эгалари ҳали тирик.
   Зинадан пастлай борганингиз сайин бюстлар ҳам кичрая боради. Дейлик, этакдаги бир неча қатор бюст мисдан ясалган, бир хил ҳажмда. Умуман, бюстнинг катта-кичиклиги, нимадан ясалганию қайси қатордан жой олгани — марҳумнинг инқилоб ғалабасига қўшган ҳиссаси, ўшанда эгаллаган мансаб-мартабаси, энг муҳими, улуғ доҳийга нечоғли узоқ-яқин бўлганига боғлиқ. Ҳаммаси қатъий тартиб, ҳисоб-китоб билан жойлаштирилган. Офарин ва тасанно!
   Бюстларга синчиклаб тикилмоққа асло ҳожат йўқ: унвонларни ҳисобга олмаганда, ҳарбий либослар деярли бир хил, ўзлари ҳам ўхшаш. Бамисоли биттагина одамнинг ҳар хил катталикдаги сиймолари маълум тартиб билан териб чиқилган, вассалом. Товариш Якнинг айтишича, буларнинг баъзилари марҳумнинг сақланиб қолган расм-пасмига қараб, қолганлари эса улуғ доҳийнинг эсдаликлари асосида ишланган. Ажаб хотира! Бюстлар шундай маҳорат билан жойлаштирилганки, бири бирини сира тўсиб турмайди. Улар ватанни, гўзал Хонияни озод кўрмоқни истаган, шу йўлда қон тўккан эдилар, мана, кўрмоқдалар... жонсиз сиймолари!
   Бу қиёмат, қўлбола қабристонни тарк этаркансиз, кўнглингизни одатдаги улуғвор инсонийлик ҳисси чулғамайди, беҳуда қон тўкиб шаҳид бўлган бу шўрликларга шунчаки ачиниб қўясиз, холос.
   
   ДИҚҚИНАФАС ЭЛЧИ
   
   — Россия элчихонасида нима бор, сизлар мустақил давлат вакилисизлар-ку? — деди товариш Як.
   — Гап шунда-да, — дедим мен. — Биринчидан, яқин келажакда биз бу ерда элчихона очиш ниятидамиз, бинобарин, элчихона фаолияти ва мавжуд шарт-шароитлар билан танишмоғимиз даркор. Иккинчидан, ўзингизга маълумки, яқиндагина биз ҳам собиқ Иттифоқ таркибида эдик, бинобарин, бу элчихонада бизнинг ҳам ҳақимиз, улушимиз бор!
   Ноилож қолганидан «Бўпти, кўрамиз, ўйлашиб кўрамиз» дея ваъда қилган роҳбонимиз сўнгги кунга қадар бизни Россия элчихонасига йўлатмасликнинг ҳар чорасини кўрди деса бўлади. Хорижия вазирлигида ишлайдиган батартиб, пишиқ-пухта одам, ҳар гал элчихонанинг телефон рақамини билиб бермоқни ваъда қилади-ю, кейин бундан сўз очсангиз, ё чап қошини кериб мужмалгина кулимсираб қўяди, ё гапни чалғитмоққа уринади. Бунда бир асрор кўриб, бизнинг элчихонага қизиқишимиз баттар ортар, фикр-зикримиз у ерга бориш бўлиб қолган эди. Бормоқ учун эса, телефон орқали бўлсин, шартлашиб олмоқ лозим.
   Бир куни товариш Бахтиёр ҳовлиқиб хонамга кирди: бекорчиликдан столи ғаладонидаги аллақандай маълумотномани варақлаётиб Россия элчихонасининг телефон рақами чиқиб қолибди! Менинг хонамда телефон аппарати иккита эди, иккаласи ҳам кўргазмага қўядиган қимматбаҳо. Бири ички — товариш Як ёки товариш Бахтиёр билан боғланиш учун, иккинчисига ишим тушмаган — шаҳар телефони бўлса керак. Ўша телефонни олдимизга қўйиб олиб элчихонанинг рақамини термоқ бўлсак, аппаратда ҳеч қандай сас-садо йўқ. Энгашиб бундай қарасак, телефоннинг сими аллақайга маҳкамлаб қўйилган-у, лекин бошқа симга уланмаган. Оббо, буям хўжакўрсинга экан-да! Пастга — вестибюлга тушдик: ҳарқалай, у ердаги девор телефонлари хўжакўрсинга эмасдир? Шиша «соябон» ичига кириб рақамимизни терган эдик, кимдир у ёқдан товариш Якнинг лаҳжасида нимадир деб чулдирадию телефон дафъатан ўчиб қолди. Вестибюлнинг нариги бошидаги телефонга қараб чопдик. Бу ерда ҳам худди ўша аҳвол. Шу тахлит учтами-тўртта телефоннинг «унини ўчириб» турганимизда лоп этиб қаршимизда товариш Як пайдо бўдди. Башарасида таниш масхараомуз тиржайиш, «Ҳа, товаришлар, айланиб юрибсизларми?» дейди ҳеч нарса билмагандек. «Йўқ, элчихонага телефон қилмоқчи эдик, терган рақамимизнинг қалтислигиданми, бу матоҳларинг бирин-бирин ишдан чиқиб қоляпти, сабаби нима?» дея олмадик, чунки «жиноят» устида қўлга тушганимиз аниқ эди. Дарвоқе, товариш Як ишнинг белига тепмаганида, мусофирхонадаги бор телефонни мана шу тарзда «бузиб» чиқмоғимиз муқаррар эди.
— Нега бу телефонларингиз ишламайди? — дедим тап тортмай, дафъатан ўжарлигим тутиб.
— Нега ишламас экан, ишлайди! — дея меҳрибонимиз «соябон» ичига кириб аллақандай рақамни терди-да, гўшакни менга узатди: — Мана, марҳамат...
Дарҳақиқат, гўшакда кимдир чулдираб турарди. Демак, гап телефонда эмас, териладиган рақамда экан!
   —   Хоналарингда телефон бор-ку, — деди товариш Як сурбетларча илжайиб, — қўнғироқ қилмоқчи бўлсаларинг, ўша ердан қилмайсизларми?
   (Ўзи билан ўзи сўзлашмоқчи бўлган телбага, тўғри, телефон бор хоналаримизда...)
   Бу гапга нима дейсиз? Қаранг, «Қаёққа қўнғироқ қилмоқчисизлар ўзи?» деб сўраш йўқ, чунки балони билиб турибди. Аммо у сўрамайди — биз айтмаймиз. Ўйин-да бу.
   Бу ўйин бир неча кун давом этди. Дуч келган телефонни эрмакка «бузиб» юравердик. Ниҳоят, охирги кунлардан биримиди, тушлиқдан қайтаётиб балки сўнгги бор омадимизни синаб кўрмоқ бўлдик. Айғоқчию пойлоқчилари не бир сабаб билан ғафлатда қолди шекилли, фавқулодда телефон гўшагида ўрисча лафз янграб кетса бўладими! Бу забонга бурророқ товариш Бахтиёр сўзлашмоқда эди, у «Мана, делегация раҳбари билан гаплашинг» дея, гўшакни менга берди. Элчининг ёрдамчиси экан. Унинг айтишича, улар бизнинг барча кор-ҳолимиздан хабардор, ҳатто қўнғироқлашмаётганимиздан ташвишда эмиш. Қаранг! «Элчи жаноблари бизни қабул қила оладими?» деган сўровимга «Элчи жаноблари сизларни бир неча кундан буён кутаётир, қачон келишга вақт топасизлар?» деган илтифот бўлди. Бунисига нима дейсиз? Демак, биздан Хабардор, бизни кутадиган одамлар ҳам бор экан бу мамлакатда!
   Бир соатлардан кейин, пойлоқчимизнинг кўзини шамғалат қилиб, келишувга биноан, мусофирхона олдига чиқиб турдик, лўлинамо бир йигит (телефонда сўзлашганимиз — ёрдамчи шу экан) узун, аломат бир машинада келиб бизни олиб кетди.
   Тил билмаган, йўл билмаганнинг куни қурсин — кўру гунгдан нима фарқи бор? Ўша арзанда элчихона биз тутқун ётган мусофирхонадан бир қадам — шундоққина орқасидаги мавзеда экан. Бу ердан неча марта ўтиб-қайтганмиз!
   Машинамиз яқинлашар-яқинлашмас, элчихона дарвозаси ланг очилди, дабдаба билан кириб бордик.
   Бутун бошли шаҳарча, бамисоли «қизил» бошкентимизнинг бир бўлаги! Булар илгари бир «худо»га сиғиниб, орасидан қилўтмас дўст бўлган-да. Ўша қардошлик, ўша биродарликка ўнгланмас рахна тушгач, турли сабаблар билан бу ўлкада макон қуриб қолган собиқ ватандошларимизнинг ягона паноҳи, ягона бош-панаси эндилиқда шу ер экан.
   Ҳовли-шаҳарчага кираверишдаги улкан элчихона биносини мўйловдор доҳийнинг шахсан ўзи қурган дейсиз — ўша ҳайбат, ўша маҳобат! Турухан сургунларида юриб тобланган тоғлик зот гўё бу ердаги ҳар бир ғишт, ҳар бир тошни ўз қўлгинаси билан қўйгандек бари маҳкам, бари мустаҳкам, вазмину ваҳмкор!
   Бу юртда шу қадар зиқ бўлган эканмизки, шулар ҳам кўзимизга иссиқ, қадрдон кўринди. Ахир, буларда бизнинг, Ўзбекистонимизнинг ҳам улуш-ҳақи бор!
   Лўлинамо ёрдамчи бизни залворли зиналару кенг-мўл йўлаклардан бошлаб ўтиб тегишли одамга рўпара қилдию ўзи қайтиб чиқди. Чамаси, маълум тартиб-қоидаларга кўра, бундай музокараларда иштирок этишга ҳали «ёшлик» қилади.
   Элчи жаноблари — Николай Фёдоровичми, Фёдор Николаевичми — ростакам элчилик ёшида, эллик билан олтмишнинг ўртасида, элчиларга хос бир важоҳат-ли, лекин жуда одми, киришимли одам экан. Дипло-матона сипогарчилигу сийқа тартиботлар меъдасига уриб кетганми, ким билсин. (Кейин маълум бўлишича, бу юртда у жами, турли лавозимларда келиб-кетганини қўшиб ҳисоблаганда, ўн икки йил яшаб қўйибди. Сабрингга балли-е, ўлмаган қул!)
   — Э, менинг ҳам жонимга тегиб кетди бу ҳаммаси! — деди у бизнинг дод-войимизни эшитаркан, дипломатларга хос андишани йиғиштириб. — Шу йил охирламай истеъфо берсаммикан деб турибман.
   Элчи жаноблари бизни астойдил кутиб ўтиргани рост экан. Юмшоқ ўриндиқдар қуршовидаги хонтахтада газак деганининг турфа хилидан тортиб «Посолская»нинг асилигича ярақлаб турарди. Товариш Бахтиёр Тошкентдан олиб келган, ён-вери зарҳалли соврин белгиларига тўла бир шиша тансиқ виносини илтифот билан мезбонга тортиқ қилди. Ана кейин гурунг гурунгга уланиб кетди.
   Элчи, расмият юзасиданми, Ўзбекистондаги янгиликларни суриштирди. Сўнгра бизни таажжубга солиб бир талай гапни ўзи айтиб ташлади. Ҳамма нарсадан хабардор экан. Иш столининг усти газетаю ахборотномага тўла. Бу мамлакат билан алоқалари маълум — йўқ ҳисоби, бекорчиликдан ўтириб олиб шуларни ўқиса керак-да. Бекорчи бўлмаеа, бирон бир ваколати йўқ бизга ўхшаганларни мана бундай азза-базза қабул қилиб, бамайлихотир суҳбат қуриб ўтирармиди!
   Бошида суҳбатга расмийроқ тус бергимиз келибми, бу ерда мамлакатимизнинг элчихонасини очиш шарт-шароитлари хусусида гап бошлаган эдик, мезбон энсаси қотганини яширмади:
— Нима зарил? («Зачем?») — деди қўл силтаб. Кейин шу фикрини далилламоқчидек, мамлакат ички ҳаётига оид бир талай қизиқ-қизиқ нарсаларни сўзлаб берди.
— Бирон бир жойда йигит билан қиз ёлғиз гаплашиб турганини учратдиларингми? — деб қолди у.
Биз бунга аҳамият бермаганимизни айтдик.
   —   Тополмайсизлар ҳам! — деди элчи таъкидлаб. — Бу мамлакатда йигит йигирма тўққизга, қиз эса йигирма етти ёшга тўлмагунча турмуш қуриши мумкин эмас. Тақиқланган. Шунга қадар ватанга хизмат қилиб бермоғи шарт, ана кейингина рухсат этилади. Акс ҳолда бу иш енгилтаклик ёки ахлоқсизликкина эмас, тўғридан-тўғри ватанга хиёнат сифатида баҳоланиб, ҳар иккаласи жазога тортилади.
   Ростми, ёлғонми, унинг айтишича, қайсидир йили «тақиқ ёши»да бўлган бир йигит-қиз кўздан панароқ бир хилватда бор-йўғи қучоқлашибми, ўпишибми турган экан, ҳеч қандай савол-жавобсиз, ўша ернинг ўзида иккалови ҳам отиб ташланибди. Ватанга хизмат ўрнига, унга хиёнат қилаётган чоқда қўлга тушишган-да!
   Мавзу юксала-юксала бориб шахсан товариш Хон Ман Менга тақалди.
   — Мамлакатдаги аҳволдан у тамомила бехабар. Ҳо-ов олтмишинчи-етмишинчи йиллардаги тасаввурда юради. Аллақачон ақлини еб бўлган, ўзининг минг йилларда дунёга бир келадиган даҳою пайғамбарлигига асло шубҳаси қолмаган. Бутун ҳокимият укаси — «севимли раҳбар» товариш Мен Хон Маннинг ихтиёрида. У эса отахонни шундай бир иҳота муҳитига солиб қўйганки, осмонга булут чиқиши ёки у ер-бу ерни сув босишига ўхшаш ҳодисаларни чол паққос унутиб юборган. Шу даражада асраб-авайлайдилар уни. Отахоннинг назарида — олам ҳамиша чароғон, олижаноб ғоялар тантана қилган мамлакати осмонида булут-пулут бўлиши мумкин эмас, ғам-ташвиш деган нарсалар-ку таг-томири билан йўқ бўлиб кетган; бу дунёда танҳо худо — унинг ўзи, энг бахтиёр ва энг фаровон халқ — унинг халқи, тамом-вассалом! Дейлик, табиий офат важидан бирор вилоят экин майдонларини сув босди. Хўш, буни доҳийга қай шакл, қай оҳангда етказмоқ лозим — шунинг устида, лоф эмас, бутун бир институт бош қотиради. Охирида бу ахборот бош назоратчи — Мен Хон Маннинг ғалвирига келиб тушади. Майдатароқ ана шу ғалвирдан ўтсагина уни доҳийга тақдим этиш мумкин. Лекин қандай қилиб, қай тарзда — бу борада ҳам анча-мунча калла банд. Ниҳоят, офтоб чарақлаб турган, чолнинг димоғи чоқ бир фурсат танланиб, у ўша сизларга кўз-кўз қилинган манзиллардан ҳам ҳашамдорроқ хос саройидаги хушҳаво чаманларда сайр этиб юрганида яқин мулозимларидан бирининг қўлидаги жимитдеккина транзистордан — ороллик доҳий дўстининг ҳадяларидан — бир кишигагина мўлжалланган махсус радиотармоқ орқали жонни аллаловчи, бениҳоя дилрабо аёл овози билан ҳалиги шўрлик хабар ўқиб эшиттирилади. Тахминан мана бундай йўсинда: «Фалон куни фалон вилоятнинг фалон жойидаги айрим экин майдонларини салгина сув босиш хавфи туғилди. Ҳукумат томонидан зудлик билан кўрилган оқилона чора-тадбирлар туфайли табиий офатнинг олдини олишга муваффақ бўлинди. Бунинг учун дала меҳнаткашлари жонажон партия ва ҳукуматдан, шахсан улуғ доҳий товариш Хон Ман Мендан ўла-ўлгунча миннатдордирлар». Хабардан сўнг табиий офатларни енгишга чорловчи даъваткор мусиқа янграйди.
   Элчи жаноблари кўплаб бунақа давлат асрорларидан воқиф, умуман, ҳангоманинг кони экан. Бу каби маълумотларни бу мамлакатда мана шу одамдан бошқа ҳеч кимдан эшита олмаслигимизни билиб, сўзларини жонқулоқ бўлиб тинглардик. Унинг айтишича, яқинд а— биз келишимиздан сал олдинроқ бу ерда зилзила рўй берган экан. Элчи хорижий ишлар вазирлигига қўнғироқ қилиб, ер неча балл силкинганини сўраса, у ёқдагилар «Қанақа балл? Нима деяпсиз ўзи?» дея ўзларини меровликка солишибди. «Ахир, ҳозиргина қимирлаб ўтди-ку, шуни сўраяпман. Наҳотки, сизларга сезилмаган бўлса?» «Сиз тарафларда қимирлаган бўлса қимирлагандир, бизда унақа маълумот йўқ. Ўзингизни босиб олинг, жаноб элчи!»
   —   Ана шунақа аҳвол! Ғирт телбаликнинг ўзи! Жонга тегиб кетди ҳаммаси, — деди элчи яна, бу гал ўрисона бир шартакилик билан.
   Қарасак, у бизни ҳали-вери қўйиб юборадиган эмас — элчихона теварагини томоша қилдирмоқчи, кечки таом ҳам собиқ ватандошларисиз томоғидан ўтмасмиш. У ёқда эса лаънати товариш Як бизни қидиравериб ақлдан озган бўлиши керак. Элчи жанобларини базўр кўндириб хайр-хўш қилдик.
   Яхши одам экан собиқ ватандошимиз — Николай Фёдоровичми, Фёдор Николаевичми, ҳозир аниғи эсимда йўқ. Боёқиш, вазирлиқда кимга бир ёмонлиги ўтган эканки, мана бу ёқларда «Астробод бўлиб» юрибди.
   Қўлимда бўлса, мен энг ашаддий душманимни шу ёққа элчи қилиб жўнатардим.
   
   УМИДНИНГ УМРИ УЗОҚ ёхуд ҲАЛИНЧАК УЧАЁТГАН ҚИЗАЛОҚ
   
   —   Илтимосингиз инобатга олинди, — деди товариш Як менга. — Эртага эрталаб Халқ табобати илмий тадқиқот марказида бўлишимиз керак.
   Сира эсимдан чиқмайди: «Шу ёшда-я! — деган эди дароз дўхтир қоғозларимни кўздан кечираркан, ташвиш билан бош чайқаб. — Кохлеар неврити.Даволаш қийин. Жуда қийин. Бедаво деса ҳам бўлади». Ўшанда у кўзимга азроилдек кўриниб, бўғибгина ўлдиргим келгани рост. Тамагирлик қиляпти, деб ўйлаганман. Ана, Шавкатга (раҳматли Шавкат Раҳмонга) шаъма қилган-ку: «Ўш томонларда қази бошқача бўлади, деб эшитаман...»
   Афсуски, унинг гапи тўғри чиқди. Бормаган жойим, учрамаган дўхтирим қолмади ҳисоб. Бу ёғи ҳар турли табибу жодугару афсунгаргача. Қулоқнинг орқасига чўғ жойлаб пуфлаб турадигани дейсизми, каллангизни ғалвирсимон қасноққа солиб бичимини тўғрилайдигани дейсизми, бароқ қошлари остидаги чағир кўзлари билан киприк қоқмай башарангизга тикиладиган нигоҳий табибми — ҳаммаси шунинг ичида. Қулоқдаги чингиллашми, шанғиллаш эса мияни ҳам ишғол этгудек тобора кучайиб борарди. Гоҳо тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етади. Танаси бошқа одам буни тасаввур этмоғи қийин, албатта. Баъзилар ҳатто дош беролмай жонига қасд қилмоққача ҳам борар экан. Неча ўн йиллаб қулоқ-мия бетўхтов шанғиллаб турса, қайси мард чидайди бунга, ахир!
   Шу йўлдаги елиб-югуришларим бутунлай зое кетмасин, кўрган-билганларимни нишхўрдга чиқармайин дебми, «Шовқин» деган кечмишнома роман ҳам бошладим. Қулоқ-миядаги бало баттар зўрайиб, дилтанглик ортиб, иш юрмади. Кейин бунга бошқа «шовқин»лар ҳам қўшилдию қўлёзма чала қолиб кетди.
   Ҳаётимдаги энг катта ташвиш — шу дарддан қутулиш бўлиб қолди. Эндилиқда қулоқ-мия шанғилламаса қандай бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман. Мия еп-енгил бўлиб қолса керак-да. Калласи «топ-тоза», ғувиллаш-шувиллашни билмайдиган одамлар ҳам бор-а! Бунинг нақадар бахт эканини билармикан улар? Башарти қулоқ-бошимдаги шовқин бир зум тинса, билмадим, ё турган жойимда йиқилиб тушсам, ё эсимни йўқотиб қўйсам керак. Қўрқувдан!
   Ҳолбуки, бундай бўлмаслиги аниқ — дейлик, бармоқ қуриб қолса ёки бирор фалокат билан узилиб тушса, қайта жонланиб, ўсиб чиқмайди-ку! «Охири нима бўлади?» дея гангиб сўраганимда дароз дўхтир «Охири... нима қиласиз, кўникасиз-да. Бошқа иложи йўқ», деб ҳукм ўқиган эди. Кейин қази-пазидан сўз очмай (Сурхондарёда қази қилинмаслигини билса керак, тандиркабобни таърифламоқнинг эса мавриди эмас — дардим ўта жиддий, бедаво!), эринмасдан текин тушунтирган: «Шамоллаш-памоллашни оёқда ўтказган кўринасиз. Ўшанинг асорати. Ички қулоқнинг товуш қабул қилувчи ҳужайраларида яллиғланиш ҳосил бўлган. Натижада тўқималар жонсизланган, карахт. Уларни тирилтиришга эса ҳозирча тиббиётимиз ожиз. Начора, шундай».
   Мўъжиза рўи берса-чи? Ахир, мўъжиза деган гаплар ҳам бор-ку оламда! Ўшандан бери қачон узоқ-яқин бирор сафарга отлансам, кўнглимда умид, илинж ғимирлаб қолади: балки, зора, шояд... Бу юртда ҳам қадам қўйибоқ дардимни товариш Якка айтиб ўтинган эдим, у ҳар гал сўраганимда «ана-мана» дея пайсалга солиб келарди. Қандайдир бир мўлжали бўлганми, бугун энди, ўзбошимчалигимиз учун койиш, танбеҳ бериш ўрнига мени хушхабар билан кутиб турибди.
   — Маладес, товариш Якжон! — дея бўйнидан қуча кетдим.
   Товариш Як айтган манзилда бизни кутилмаган бир иззат-икром билан қарши олишди. Хорижия вазирлигидан қўнғироқ қилиб, «Социалистик жамият тиббиётининг устунлигини бир кўрсатиб қўйинглар бу хиёнатчиларга!» деган мазмунда қаттиқ топшириқ берилган бўлса керак. Аввал одатдаги шарбат билан сийлашди, сўнг тўрттами-бешта дўхтир худди бир ажойиботни томошага солгандек мени қуршовга олиб, уни-буни суриштира кетди. Ниҳоят, ўзаро чулдирай-чулдирай бир қарорга келишди чоғи, қоп-қора сочи ўртасидан фарқ очиб икки чаккасига шилшиладек тушиб турган қоқсуяк бирови — катталари шу бўлса керак — тирсагимдан тутиб мени қандайдир махфийроқ хонага бошлаб кирди. Ёнидан бир шода калит чиқариб, шифт бўйлаган муҳрли ойнабанд шкафлардан бирининг қаторлашган қулфларини бирма-бир очди. Ичкаридаги қўшқулфли рух сандиқчани титкилай-титкилай, пенициллинга ўхшаш бир шишачани олди-да, тантанали суратда (ёнимдан ажралмас товариш Як ёрдамида, албатта) эълон қилди:
— Сизнинг дардингизга даво — мана! Яқинда кашф этилди. Бизда. Дунёнинг бошқа ҳеч бир жойидан тополмайсиз. Шу дори билан ўн кун муолажа қилинса, ер остидаги қумурсқанинг қимирлаганини ҳам эшитадиган бўласиз!
— Ўн кун?.. — Тўғриси, саросимада қолган эдим.
—   Ҳа, ўн кун, — деди товариш Як аллақандай виқор билан тасдиқлаб. — Хоҳласангиз, мен вазирлигимиз билан гаплашай, қоласиз. Ҳамма харажати биздан бўлади.
Бу тулки у ёғини ҳам пишириб қўйган кўринади. Мақсади — мени олиб қолиб, азобламоқми? Нега? Кимга керак бу?
—   Янаги сафар келганимда қилсак-чи шу ишни? — дея вазиятдан чиқмоқчи бўлдим.
—   Ихтиёрингиз, — деб одатича масхараомуз ишшайди товариш Як. — Мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, бунақа имкониятни қўлдан бермасдим.
Ўн кун? Яна ўн кун-а?! Аввало, бу манмансирашга ишониш қийин, боз устига, бу мамлакатда ўн кун тугул тағин бир кун тургудек бўлсам, каргина эмас, телба бўлиб қолишим ҳам аниқ эди.
Бу ерда яна ўн кун қолгандан кўра умрбод кар бўлиб яшаган афзал!
Аммо эртага жўнашимизга, диққинафас бу мусофирхона, бу юрт, бу тартиботлардан буткул қутулишимизга на мен, на Бахтиёр ишонардик. Гўёки кетишимиз ўзи ақл бовар қилмас бир тушдек, шунинг тагида ҳам бир ҳийла-найранг ётгандек туюларди.
Соғинчданми, безовталикданми, шу кеча алламаҳалга қадар уйқу келмади. Тонгга яқин кўзим илингандек бўлди-ю, сапчиб ўрнимдан турдим: «Бугун кетамиз-а!» Юрагим тошиб, айвончага чиқдим. Уфқдан бош кўтараётган қуёш шаҳар узра нурли ўқларини ота бошлаган. Кўча-кўй ғизғизон — ҳамма ишга ошиқяпти. Баланддан қараганда, аср бошидаги «соқов» фильмларни ёдга солади: питир-питир, питир-питир. Беихтиёр кўчанинг нарёғидаги чорбурчак ҳовлига кўз ташладим. Ҳовли ўртасидаги болалар майдончасида қаққайган ғариб бир қурилма диққатимни тортди. Жажжигина бир қизалоқ ҳалинчак учмоқда. Ҳойнаҳой, ота-онаси ишга кетган, у эса дунёнинг турфа ўйинларидан бехабар, беғам, беташвиш, болалик завқига берилиб ҳаволайди — тушади, ҳаволайди — тушади.
Ногаҳон ичимда нимадир шавшаб-шавдираб, бир хил бўлиб кетдим. Мана, бугун мен кетаман, биз кетамиз, бу гўдак, бу норасида қолади — шу ҳовли, шу кўй, шу юртда. Умрбод. Бирдан машҳур шоиримизнинг машҳур мисралари ёдимга тушди:
«Менга алам қилар: тилла балиқча
Шу кўлмак ҳовуз деб билар дунёни».
Кўзларимга дувиллаб ёш келди...
Аэропортда хайрлашар чоғимиз шу ўтган ўн кун мобайнида кўнглимда йиғилиб қолган бор гап-сўзимни, бутун зарда-зардобимни тап тортмай товариш Якка тўкиб солдим. У нечундир бу гал масхараомуз ишшаймади, бир четга боқиб индамай туриб берди. Ўзи сўнгги вақтда шундай ўйчан, маъюсроқ бўлиб қолгандек эди. Кейин ҳарқалай шунча кун бизга ҳамроҳ юриб, қадрдонлашиб кетган бу инсонни алланечук меҳрим ийибми қучоқлаб олдим.
— Сен эсли йигитсан, биродар, ўйлаб кўр!
Тайёрамиз қандайдир тиканакли симтўсиқлар, олдида соқчи аскарлар саф тортган омборсимон иншоотлар, пастак-пастак тепаликлару экин майдонлари оралаб узоқ юргач, ниҳоят, осмонга кўтарилди. Ғарб тарафга қараб мўлжал олди. Хайриятки, уни энди ҳеч бир куч ортга қайтаролмайди, симтўсиқлар билан ўралган бояги совуқ майдонга қайтиб қўндиролмайди.
Бизнинг бу мамлакатни тарк этганимиз ҳақиқат эди. Ана у, кўкиш ғуборлар орасида қолиб кетди. Бугун тонг чоғи ҳалинчак учган кизалоқни эсладим, «тилла балиқча»ни, аллақандай мунғайиб, ташвишманд кўринган товариш Якни... Бундай пайтда кўнгилдан «Умр агар вафо қилса, бу манзилларни бир кун яна қайтиб кўрарман» дегандек бир ният кечмоғи табиий.
Ажабки, менда ундай истак йўқ эди.
Бир вақт қарасам, қулоқ-миямдаги доимий ғувиллаш тинган — уни тайёранинг бўғиқ шовқини босиб кетибди. Дароз дўхтир хато қилган экан. Дунёда чорасиз нарса йўқ. Гап — нимани танлаб, нимадан воз кечишда.
1993-98