forum.ziyouz.com

Kutubxona => Didaktika => Axloq-odobga oid kitoblar => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 25 Yanvar 2009, 02:30:43

Nom: Tohir Malik. Odamiylik mulki (axloq kitobi)
Yuborildi: AbdulAziz 25 Yanvar 2009, 02:30:43
Odamiylik mulki (Axloq kitobi)

(http://www.ziyouz.com/images/books/odamiylik2.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=321)

Muallif: Tohir Malik
Hajmi: 1,35 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=321)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=3245.0)
Nom: Odamiylik mulki (Ahloq kitobi) Tohir Malik
Yuborildi: Ansora 05 Fevral 2010, 16:17:04
(http://www.ziyouz.com/images/books/odamiylik1.jpg)

Тоҳир Малик

ОДАМИЙЛИК МУЛКИ

(Ахлоқ китоби)

Биринчи китоб

Тошкент
«Истиқлол»
2005

Масъул муҳаррир:
Муҳаммад Шариф ЖУМАН

Тақризчи:
филология фанлари номзоди
Абдумурод ТИЛАВОВ


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
«Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.»
(Ал-Исро сурасидан)


ГУЛИСТОН ИСТА, ЭЙ КЎНГИЛ

Муқаддима ўрнидаги бу дастлабки боб мазкур китобга тартиб бериш сабаблари ва мақсадлари баёнидан иборатдир.

Ассалому алайкум, азизларим.
Сизлару бизларни гўзал суратда яратган ва чексиз неъматларга буркаган Раббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз. Буюк Парвардигорнинг буюк иродаси ила буюк вазифаларни елкаларида кўтарган ва сизу бизга ҳидоят йўлини кўрсатган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммадга салавот ва саломлар йўллаймиз. Аллоҳнинг инояти ва марҳамати ила кўп йиллик ниятимизни амалга оширмоққа киришяпмизким, бу ишимизни ҳам Яратганнинг Ўзи хайрли қилғай. Шу пайтга қадар бадиий ижодда яхшими-ёмонми машқлар қилиб, ўзимизни синаб кўрдик. Сўнг одоб бобида биродарларимизга нафи тегар, деган умид билан «Меҳмон туйғулар» номида бир китобчага тартиб бердик. Сўнг уни тўлдириб, «Имонлашиш умиди» деган номда эътиборларингизга ҳавола этдик. Кейин эса фарзандлар тарбиясида фойдали бўлиб қолар, деган мақсадда бир рисола ёзиб унга «Жиноятнинг узун йўли» деб ном бердик. Бу йўналишдаги уринишларимизни энди мазкур одоб рисоласи ниҳоясига етказар, инша Аллоҳ!
Маълумингизким, ўтмишда ўтган устозларимизнинг аксари бадиий асарлар ёзиш билан бирга ахлоққа доир рисолалар ҳам битганлар. Агар зийраклик билан кузатсак, ўтмиш адабиётимизнинг асосини одоб масалалари банд этган. «Адабиёт» - «одоблар тўплами» маъносини англатиши ҳам шундандир. Бадиий асар қайси тарзда, қайси йўналишда ёзилмасин, одамларни тарбия қилишга, яъни яхшилик сари бошлаб, ёмонликдан қайтаришга хизмат этиши лозим. Тарихда бундай китобларнинг ҳисоби йўқ. Шуларнинг айримларини ўқиш жараёнида каминада ундаги ҳикматлар билан биродарларни таништириш майли уйғонди. Раҳматли тоғам, улуғ адиб Мирзакалон Исмоилий ахлоқ масалаларига доир бир қанча рисолалар ёзган эдилар. Шулардан бири - «Қизлар дафтарига» китобини ёзгач, мухлислардан кўп мактублар олдилар ва унинг давоми сифатида «Буниси сизларга, йигитлар» деган ахлоқ китобини ёзишни ният қилган эдилар. Аммо бу ният амалга ошмай, армон бўлиб қолди. Шу ном остида бир китоб ёзмоқликни кўп ўйладим. Ҳамкасбларим орасида ҳам бу ишга даъват этганлар бўлди. Узоқ йиллар давомида тайёргарлик кўрган бўлсам-да, ёзишни бошлашга журъат эта олмадим. Вақти-соати етибди, шекилли, ахлоқ мавзуига доир тўплаган маълумотларимни қарасам, етмишдан зиёд дафтарга жо бўлибди. Аллоҳга таваккул қилиб ишни бошладим. Умид улки, ёзилажак сатрлар амри маъруф ва наҳйи мункар вазифаларини адо эта олса. Аллоҳ кўпнинг қаторида каминани ҳам адаштирмасин.
Бир узрим борки, муҳтарам китобхонлар бу битикни ўқиш жараёнида «менга ақл ўргатяптими?» деган мулоҳазага бориб ғашланмасалар. Каминага маълумки, китобхонлар орасида менданда ақллироқ, ҳикматларни менданда кўпроқ билувчи, менданда аълороқ даражадаги илм эгалари мавжуд. Яна маълумингиз бўлсинким, каминанинг олимликка даъвоси йўқдир. Ниятим -китобхонлар билан фикрлашиш. Фикрларим орасида эҳтимол сизларга номақбуллари учрар, у ҳолда маъзур тутгайсиз. Эҳтимол адашган, янглишганим ҳолатлар ҳам бўлар, у ҳолда тавбалар қилиб, раҳмли ва Раҳмон сифатли Аллоҳнинг лутфу-марҳаматларидан умидвордирман.
Ўтмиш адабиётидаги устозлар бу мавзуда ёзганларида «Эй фарзанд!» ёки «Эй ўғил!» деган мурожаат билан бошлаганлар. Ёки «фарзандга мактублар» услубидан фойдаланганлар. Мен ўз кўнглимга даъват услубини қўллашни маъқул кўрдим. Чунки ҳар бир одам биринчи галда ўз-ўзини тарбия қилиши керак, деб ўйлайман. Ҳар биримиз ўз-ўзимизни, хусусан, кўнглимизни идора қила билмоғимиз шарт. Ҳазрат Алишер Навоий таъбирлари билан айтилса, кўнгил - бадан мулкининг подшоҳидир. Кўнгилнинг саломатлиги - баданнинг ҳам саломатлиги, унинг нотоблиги - бунинг ҳам нотоблигидир.
Донолар демишларким: «Сен ўзингни кўрмоқ истайсанми? У ҳолда кўзгудаги ташқи қиёфангга эмас, ичингдаги кўзгуга боқ.» Биз эса... кунда неча бор кўзгуга қараймиз. Қалбимизга-чи?
Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қиладики: «Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору, англай олмайдилар, кўзлари бору, кўра олмайдилар, қулоқлари бору, эшитмайдилар. Улар чорва кабидурлар, йўқ, улар (беақл ва бефаҳмликда) чорвалардан ҳам бадтардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.» (Мазкур рисоламизда Қуръони Каримнинг сўзма-сўз эмас, балки маъносининг таржимасидан фойдаланамиз. Ҳар сафар “маъно таржимаси”, деб таъкидламай, масалан “Аъроф сурасидан” дейиш билан чекланамиз.) Аллоҳ субҳонаҳу таолонинг бу оятлари биз бандаларни энг муҳим ишдан огоҳ этади. Яъниким, мусулмон киши қалбига эътибор бермоғи, қалбини кузатмоғи, қалбини ўнгламоғи ва турли маразлардан сақламоғи лозим. Кимки ўз қалбини маразлардан сақлашга эътиборсиз экан, унинг билган-билмаган дардлари янада кўпаяр. Зеро, солиҳ амалларнинг ажри ҳам қалбга боғлиқдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Огоҳ бўлинг! Танангизда бир парча гўшт бор. Агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у - қалбдир!»- деб бекорга хитоб қилмаганлар. Ибн Масъуд ҳазратлари деган эканларким: «Жисмингиз қанчалик соғлом бўлмасин, қалбингиз мараз экан, билингким, Аллоҳ наздида, сиз митти қўнғиздан ҳам ҳақирроқдирсиз».
Ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолий «Мукошафат ул-қулуб» (Қалблар кашфиёти) китобларида дейдиларким: «Билки, Аллоҳ бир бандасига хайр ато этмоқчи бўлса, унга ўз нафсининг қусур ва айбларини кўра оладиган басийрат беради. Кимнингки басийрати ўткир бўлса, қусур ва айблари ўзига албатта кўринажак. Киши ўз айбларини билганда эса, уларни даволаш имконига эга бўлади. Лекин, афсуским, инсонларнинг кўпчилиги ўз қусур ва айбларини кўрмайди. Аҳвол шундайки, баъзан киши бир мўъмин қардошининг кўзидаги тариқдай кирни кўради-ю, аммо ўз кўзидаги ёнғоқдай доғни кўрмайди. Кимки ўз нафсининг айбларини кўрмоқчи бўлса, тўғри, басийратли киши билан дўст тутинмоғи лозим. Токи, бу дўст унинг аҳволини, ҳаракат ва атворларини кўз остида тутсин. Зоҳирий ёки ботиний хунук бир феълини кўрса унга танбеҳ берсин.»
Улуғ алломанинг фикрларига қўшимча қилиб дейишимиз мумкинки, «басийратли дўст» атамасини китобларга нисбатан ҳам қўлласак бўлади. Бу ўринда китобларнинг энг улуғи, Аллоҳнинг биз - бандаларига берган улуғ неъмати - Қуръони Каримни, ҳадиси қудсийни ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳиҳ ҳадислари жамланган китобни ҳамда буларга асосланиб ёзилган доноларнинг битикларини назарда тутяпмиз. Буларни ҳамиша ўқиб юрувчи, тушуниб, тўғри англовчи ва ўқиганларига амал қилғувчи киши ҳеч қачон адашмайди.
Қадим-қадимдан комиллик мартабасига етганлар шундай йўлни тутганлар, яъни: Қуръон ва ҳадисларга амал қилганлар ва иймонли дўстларининг насиҳатига қулоқ солганлар. Ҳазрати Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, «Менга айбларимни кўрсатувчи кимсага Аллоҳ хайр берсин!» деб дуо қилар эканлар. У муҳтарам зот кўпинча Солмон Форсийга, Аллоҳ ундан рози бўлсин, мурожаат қилар эканлар. Бир куни «Менинг айб ва қусурларимни айтинг», деганларида Солмон Форсий аввал у ҳазратдан узр сўраб кейин: «Эшитишимча, дастурхонга икки хил зиравор қўйдирармишсиз. Бири кундузи, иккинчиси кечаси киядиган махсус икки шимингиз бор эмиш?» - дебдилар. Ҳазрат Умар бу дашномни эшитиб: «Булардан бошқа яна айбим борми?» - деб сўрабдилар. Солмон Форсий «Йўқ», - деб жавоб қилганларида у шарафли зот: «Шу иккиси ҳам менга етарли», - деган эканлар. Ҳазрати Умар Ҳузайфадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ҳам ўз қусур ва айбларини сўраб турар эканлар. Ҳатто бир куни у кишидан: «Сен мунофиқлар масаласида Аллоҳ Расулининг сирдоши эдинг. Менда мунофиқлик аломатларидан бирон белги кўрасанми?» - деб сўраган эканлар. Ҳазрати Умар ўз қадр-қимматларининг юксаклигига ва мартабаларининг баландлигига қарамай, ўз нафсларини ҳамиша шундай шубҳа остида тутар эканлар. Ғаззолий ҳазратлари таъкид этмишларким: «Одам қанчалик ақлли ва даража жиҳатидан қанча юксак бўлса, кибр ва ҳаво жиҳатидан шу даража кичик бўлади. Нафсини энг катта шубҳа остида тутадиган инсон ҳам шудир».
«Лекин, очиғини айтганда, бундай хислатларнинг баҳоси ошиб кетди. Жуда оз кишилар бундай феъл-атворларга эгадирлар. Дўсту улфат, ошна-оғайнилар орасида бир-бирига лаганбардорлик қилмайдиганлар, бирининг айб ва қусурларини наридан бери ёймайдиганлар, ҳасад қилмайдиганлар жуда озайиб кетди. Дўст-улфат, ошна-оғайнилар ичида, ҳеч шак-шубҳасиз, ҳасадгўйлар, ғаразгўйлик билан иш юритиб, айб ва қусур бўлмаган бир ҳаракатингни айб ва қусур деб гап тарқатувчилар ёҳуд табиий лаганбардорлиги туфайли қусур ва айбларингни юзингга айтмайдиганлар бор. Мана шундай сабабларга кўра Довуд Тоий инсонлардан ажрашиб кетган эди. Ўзидан: «Нега инсонлар билан ош-қатиқ бўлмайсан?» деб сўралганида шундай жавоб берганди:
-Менга айб ва қусурларимни айтмайдиган инсонлар билан яқин юриб нима қиламан? Диндор кишилар учун энг севимли нарса - бошқаларнинг танбеҳи билан ўз қусур ва айбларидан воқиф бўлмоқдир.
Мана, буюкларимизнинг ҳоли!.. Афсуски, бизнинг замонамизда иш терсига қараб кетди. Аҳвол шу даражага етдики, энди бизларга насиҳат қиладиган, айб ва қусурларимизни айтадиган кишиларни энг ёмон инсонлар ўрнида кўрадиган бўлиб қолдик. Бу - иймонимиз заифлашганининг аломатидир. Чунки ёмон феъл-атворлар - чақонғич илонлар ва чаёнлардир. Агар либосимиз этагига бир чаён ёпишиб, чақай деб турганда бизга биров бундан хабар берса, албатта унга миннатдор сўзларимизни айтамиз, севинамиз ва чаённи чертиб ташлаб, ўлдиришга чоғланамиз. Ҳолбуки, бу чаённинг зарари бадангадир, берадиган азоби эса бир кун, ярим кун давом этади. Ёмон ахлоқнинг қалб софлигига берадиган зарари эса қўрқинчлироқдир, ўлимдан кейин эса абадиян ва ё мингларча йил давом этадиган қўрққуликдир. Шуни биламизми? Билсак, нечун биров бизга қусур ва айбларимизни айтса, бундан севинмаймиз, бу қусур ва айбларни йўқотиш билан машғул бўлмаймиз. Аксинча, биз ҳам у кимсага насиҳат қилишга киришамиз ва шундай деймиз:
-Ўзинг ҳам шундай-шундай қиласан. Ўзингнинг ҳам шундай қусурларинг бор!
Унинг насиҳатини шу тариқа қабул этамиз ва тескарисини қилиб, орада душманчилик туғилишига сабабчи бўламиз. Бу ҳол - гуноҳлар кўплиги сабаб бўлган қалб қашшоқлигидандир. Буларнинг асли эса иймоннинг заифлигидандир...»
Мазкур сатрларни ўқиб «Тўғри гаплар...» дегандирсиз? Ҳа, баракалла! Лекин нима учун қўштирноқ орасида баён қилдик, шунга аҳамият бердингизми? Гап шундаки, бу ақлли гапларни биз тўқимадик, балки Абу Ҳомид Ғаззолийнинг китобларидан кўчирдик. Қаранг, бундан салкам минг йил муқаддам айтилган фикрлар бугунги кунга мос келиб турса? Бу нима, асрлар давомида инсонлар яхшилик сари силжимадиларми? Иймон заифлиги то ҳануз сақланиб қоляптими? Йўқ, бундай хулосага бормаслик керак. Бадбинликка берилмоқ ҳам ўринсиздир. Ҳар замонанинг ўзига хос фазилатлари ва ўзига хос қусурлари мавжуд. Бу фоний дунё - имтиҳон дунёси экан, ҳар бир авлод бу имтиҳондан ўзига хос тарзда ўтади. Ҳар бир авлоднинг афзалликлари ва гуноҳлари ҳам бўлади. Шайтон алайҳилаъна то қиёматга қадар одамзотга душманлик қилар экан, то қиёматга қадар унга қарши жиҳод - руҳий жиҳод давом этажакдир. Агар бир биродаримизни безори ураётганини кўрсак, унга ёрдам беришга шошиламиз. Аммо не учун шайтон васвасасига тушиб қолган қариндошимизни, қўшнимизни ёки дўстимизни қутқаришга шошилмаймиз? Яқинда бир улфатдаги намозхонлар шайтон йўриғидаги биродарларини инсофга чақирганларига гувоҳ бўлиб эдим. Болаликдан бирга улғайган дўстларнинг кўплари иймон йўлида, айримлари ҳануз шайтон йўлидан қайтмаган эканлар. Иймонлилари бу дўстларига насиҳат қилишиб: «ёшларинг олтмишга боряпти, шунча йилларни ароқхўрлик билан ўтказганларинг етар энди. Аллоҳ ҳузурида гуноҳкор эканликларинг бир масала, яна бир масала - фарзанду набираларинг сенлар туфайли иснодга қоляптилар. «Ароқхўрнинг фарзанди» деган маломат тошини кўтариб юришга орланяптилар», -десалар, у адашганлар: «Биздан орлансаларинг биз улфатдан чиқдик!» -деб ўринларидан туриб кетишди. Ўзларича гўё мардлик қилишди. Ҳолбуки, бу мардлик эмас, нодонликнинг навбатдаги кўриниши эди. Агар улар десаларки: «Биродарлар, сизларга раҳмат, бизларга тўғри йўлни кўрсатдиларинг, сизларнинг ҳурматинглар учун шу ондан бошлаб ароқ ичишни ташладик, шу ондан эътиборан пешонамиз жойнамозга теккувси. Саждани зинҳор тарк этмасмиз...» - мана шуни чин мардлик атасак бўларди. Улфатчиликдаги нохуш ҳолатга гувоҳ бўлгач, устозлар баёнидаги бир ибратли воқеа хаёлимизга келди:
Ривоят қилишларича, Утбатулғулом исмли бир киши фисқу фужур аҳлидан эди. Бузғунчиликда ва шаробхўрликда унга етадигани йўқ эди. Ана шу фасодчи ва майхўр одам бир куни Ҳасан Басрий ҳазратларининг даврасига кириб қолибди. Ҳасан Басрий издиҳом аҳлига Ҳадид сурасини ўқиб, тафсир қилиб бераётган эдилар. «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа (яъни Қуръонга) мойил бўлиш вақти келмадими?! Яна улар учун илгари китоб ато этилган, сўнг пайғамбарларидан кейинги муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик вақти келмадими? Улардан кўплари фосиқдирлар (яъни итоатсиздирлар)», - мазмунидаги оятни ўқиётган онларида у киши кириб келди. Оятни ўқиганларидан сўнг чиройли суҳбат қилдилар, шундай суҳбатки, бутун жамоатни йиғлатдилар. Шу орада ёшгина бир йигит ўрнидан турди ва Ҳасан Басрийга хитобан шундай деди:
-Эй мўъминларнинг энг гўзал ахлоқлиси! Аллоҳ мендай фисқ-фужур соҳиби - гуноҳкорнинг тавбасини ҳам қабул қиладими?
-Ҳа, азаматим, агар бошқа бундай қилмаслик шарти билан ёмон феъл-атворларингни тарк этсанг ва Аллоҳдан афв тиласанг, сени ҳам кечиради.
Йигит бу сўзларни эшитганда ранги ўчиб, бир «оҳ» тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда Ҳасан Басрий унга яқинлашдилар-да, бу байтни ўқидилар: Эй Аллоҳга қарши йигит, осий санғи, Гуноҳкорнинг жазоси не, биласанми? Осийларнинг жойи - сақар. Ёнар ўзи, Шиддатли ўт ичра пишар гўзал юзи. Майли, ўтда ёнар десанг - Ҳақни унут... Ё ўзингни гуноҳлардан узоқда тут...
Бу байтни эшитиб, Утбатулғулом ҳам бир «оҳ» кўтариб, ҳушидан кетди. Ҳушига келганида Ҳасан Басрийга юзланиб:
-Эй, устод,-деди.-Марҳамати кенг бўлган Аллоҳ мендай гуноҳкорнинг тавбасини ҳам қабул қиладими?-деб сўради.
-Ўз-ўзига жафо қила олган банданинг тавбасини карамли Аллоҳдан бошқа ким ҳам қабул эта оларди?- деб жавоб бердилар Ҳасан Басрий.
Шундан кейин Утбатулғулом бошини кўтариб, Аллоҳга уч хил дуо ўқиб, ёлборди:
-Аллоҳим, тавбамни қабул қил, гуноҳларимни афв эт, менга тушунишни ва ўрганишни ҳамда ўрганганларимни муҳофаза эта олиш қобилиятини берки, ўзлаштирганларимни ва унинг илмий асосларини ақлимда тутай.
-Аллоҳим, менга шундай бир гўзал овоз берки, менинг Қуръон ўқишимни эшитган ҳар кимсанинг - қалби қайғуга чўмган бўлса ҳам - қалбида меҳр ортсин!
-Аллоҳим, менга ҳалол ризқ насиб эт ва ўзим кутмаган жойдан ризқлантир...
Аллоҳга дилдан қилинган бу дуоларнинг натижаси ўлароқ йигитнинг тушуниш қобилияти ва закоси ортди, ўрганган илмий асосларини ҳеч унутмайдиган бўлди. Унинг Қуръон ўқишини эшитган ҳар киши тавба қилар, ёмон феълларидан воз кечар эди. Ҳар куни уйига бир коса шўрва билан икки лочира келарди. Булар қаердан ва ким томонидан юборилганини ҳеч кимса билмас эди. Бу ҳол то унинг ўлимига қадар давом этди...
Ҳа, ёлғиз Аллоҳ учун ёмон феълларидан воз кечиб, илоҳий ахлоқ асосларига риоя қилганларнинг ҳаёти шундайдир. Аллоҳ, ёмон феълларни тарк этиб, яхши феъл-атвор билан нақшланган ва гўзал амаллар адо этганларнинг мукофотларини албатта беради.
Биз гувоҳ бўлганимиз улфатчиликдаги адашганларга бундай мукофот насиб этмади, афсус... Билишимизча, улар аразлаб кейинги йиғинга келмабдилар. Улар дебдиларки: «Бизнинг ичишимиз билан уларнинг нима ишлари бор, ичиб олиб уларни урмасак, сўкмасак...» Диллари бу қадар қотиб кетган экан, фосиқлик либосига бу қадар чирмашиб ўраниб олган эканлар... Аллоҳ инсоф берсин уларга.
Ҳеч биримизга сир эмаским, адашган бандалар орасида ўзимиз учун энг ардоқли бўлмиш инсонлар - бировимизнинг ота-онамиз, бировимизнинг оға-иниларимиз, яна бировимизнинг яқин ёки узоқроқ қариндошимиз, яна қўшнимиз, ҳамкасбимиз... ҳам бор. Эҳтимол улар ҳидоятдан адашганларини биларлар, эҳтимолки, билмаслар. Билмаганларга билдириб қўйиш вазифамиз эмасми? Эҳтимол улар иймонсизлик жаридан қутулмоқчилару аммо тўғри йўлга чиқишга кучлари етмаётгандир. Уларга ёрдам қўлини узатиб, иймонсизликдан қутулишга кўмаклашиш бурчимиз эмасми?
Қуръони Каримнинг «Наҳл» сурасида шундай мазмунли оят бор: «(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Раббингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган (адашган) кимсаларни яхши билгувчи ва У ҳидоят топганларни ҳам билгувчидир.» Мазкур оятда Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва у киши орқали даъватчи умматларига Ислом даъвати асосларини ва услубларини баён қилиб бергандир.
«Фуссилат» сурасидаги ояти каримада: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир» дейилган экан, тўғри йўлни, руҳ хасталигига шифони ўзга ерлардан қидиришларда маъно йўқдир. Ўтмиш жамиятида нима учун одамлар орасидан меҳр-оқибат, меҳр-мурувват, меҳр-ҳурмат кўтарилди? Нима учун зулм тўфони авжига чиқди? Нима учун кўплар бузуқлик ботқоғига ботди? Сабаб: чўкаётган одам хасга тирмашиб умид қилганидай, заиф мафкурадан нажот кутдилар. Ота-оналарнинг тарбия усуллари, насиҳатлари ҳидоят ва шифо булоғидан маҳрум бўлгани учун ҳам ширин мева бермади.
Ҳазрати Сўфий Оллоҳёр «Саботул ожизийн» деб номланган дурдона асарларида шундай дейдилар:
Худо қилса нидо: «э бандайи зор,
На келтурдинг, на турлук қилмишинг бор?»
Мазкур байтни донишманд олимлардан Тожуддин шундай шарҳлайди: қиёматда Худойи таоло бандаларига айтади: «Эй бандаларим, менинг ҳузуримга нима амаллар билан келдингиз ва нима ишлар қилдингиз?»
Тану терингда тотлиғ жон яраттим,
Баҳойим қилмадим, инсон яраттим.
...ва яна айтади: «Эй бандаларим, танларингизга азиз жон бердим, тўрт оёқли ҳайвон эмас, комил ақл эгаси инсон қилиб яратдим.»
Ҳамиша айладим тарбиятингни
Нағу қилдинг паришон ниятингни?
«Сени оталаринг пуштида, оналаринг қорнида тарбиялаб, дунёга келтирдим. Дунёга келганингдан сўнг ҳам турли-турли неъматлар билан тарбия қилдим. Хўш, нега энди ниятингни бузиб, мендан бошқани дўст тутдинг?»
Коммунистик жамият умрини яшаб бўлгач, назаримизда нопоклик барҳам топгандай бўлди. Аммо бу масалада хулоса чиқаришга шошилманг, азизлар. Жамият йўқ бўлгани билан унинг раҳнамоси-шайтон тирик. Шайтонга сажда қилувчилар эса кам эмас ҳали. Яқинда халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланган москвалик Гинзбург деган физик олим телевидение орқали гапириб: «Худо йўқ, қиёмат, фаришталар, у дунё деган тушунчалар қуруқ сафсата», деб очиқ айтди. Бу шунчаки бир одамнинг фикри эмас, унинг атрофида неча юзлаб ёки минглаб ёки унданда кўп маслакдошлар борлигини унутмаслик керак. Агар у ёлғиз бўлганида бу қадар шаккокликка журъат қилолмаган бўлар эди. Биз айни ўринда художўйлик ёки шаккоклик хусусида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз ахлоқ асосларига назар ташлаш экан, савол бермоқчимиз: «Худога ишонмайдиган одам бошқаларга яхшиликни раво кўриши мумкинми? Уни ахлоқ бобида комил инсон дея оламизми?» Дейлик, ўша «олим» (аслида уни «олим» дейишга тил бормайди, қўштирноқ орасига олганимиз боисини англарсиз) мукофотини олиш учун Норвегияга борадиган пайтда онаси (хотини ёки фарзанди) ўлим тўшагида ётибди. Хўш, у сафардан воз кечадими? Онасининг ёнида ўтириб рози-ризолик тилайдими? Бизнингча, бундай қилмайди. Худони танимаган онани танийдими, айтинг-чи? Бу ҳам ўтмиш жамият тарбиясининг меваси. Шукрларким, кейинги ўн-ўн беш йил орасида кўплар бу ботқоқдан қутула олишди. Бироқ... шайтон яна қанча одамлар кўзига бу сассиқ ботқоқни зилол сувли кўл суратида кўрсатяпти экан?
Донолар айтмишларким, Одам боласи кичик гуноҳга қасд айласа, шайтон дер: «Буни қилгил, бунда кўп зиён йўқдир.» Одам боласи шайтон сўзига кириб кичик гуноҳни қилгач, сўнг каттароғига ўтади. Бора-бора иш куфрлик билан тугайди. Шундан сўнг бу киши Аллоҳнинг даргоҳидан йироқ бўлиб қолади. Юқорида баён қилганимиз донолар фикрини исбот этмайдими? Атрофимизга қарайлик-чи, Аллоҳдан йироқлашаётганларни кўрмаяпмизмикин? Кўрсак, қандай чора-тадбир қиляпмиз?
Ёшинг етган сари феълинг санинг ёш,
Кўзинг ёши қани, э мағзи йўқ бош?
Ҳазрати Сўфий Оллоҳёр байтларида бу маъно бор: «Ёшинг улғайган сари ҳануз ёшлигингдаги нарсаларни тиларсан. Қартайганингни билмай ҳануз ҳавоий нафс кетидан қуварсан. Эй бемаъни бош, йиғлаш пайтинг келган бўлса-да, қани, кўзларингда ёш йўқ-ку?»
Бундай ҳолларда кўзда ёш йўқлиги ҳам бир фожиадир. Бу ўринда шоир Аллоҳдан қўрқиб йиғлашни назарда тутяпти-ки, бунда ҳикмат кўпдир. Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюрадиларким: «Кимки Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, кўкракдан чиққан сут қайтиб кўкракка кирмагунича, у ҳам жаҳаннамга кирмайди» - яъниким, кўкракдан чиққан сут кўкракка қайтиб кирмаганидек, тақводорлар ҳам жаҳаннамга кирмайдилар, дейилмоқчи. «Рақоиқ ул-ахбор» («Нозик хабарлар») деган китобда шундай бир хабар баёни бор:
«Қиёмат куни бир кишини олиб келишади. Савоблари билан гуноҳлари қиёсланиб, гуноҳлари оғирроқ чиққач, шунга яраша жазога тортиш ҳақида амр берилганида, киприкларидан бир толаси тилга кириб, дейдики:
-Эй Раббим, сенинг расулинг ҳазрати Муҳаммад - унга саломинг ёғилсин - «Ким Аллоҳ қўрқувидан йиғласа, Аллоҳ у кўзни жаҳаннам оташига ҳаром қилади», деб буюрган эди. Мен дунёдалигимда сендан қўрқиб йиғлаган эдим-ку?!
Шунда Аллоҳ ўша кишини афв этади, дунёда Раббидан қўрқиб йиғлаган бир киприк толасидаги нам туфайли уни азобдан қутқаради. Жаброил эса:
-Фалон киши Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган бир киприк толаси ҳурмати, жазодан озод қилинди,-деб эълон қилади”.
Биз тилимизда «ахлоқ» деган сўзни тез-тез ишлатамиз. Аммо унга сифат бермаймиз. Одам зотига қандай ахлоқ зарур? Албатта илоҳий ахлоқ - яъни Аллоҳ томонидан буюрилган ахлоқ. Буни «Расулуллоҳнинг ахлоқлари» деб атасак ҳам бўлади.
Устозлар ҳикоя қиладилар:
«Бир одам чўлда кетаётиб бадбашарани кўради ва ундан «Сен кимсан?»- деб сўрайди. Бадбашара «Мен сенинг ёмон амалларингман»,-дейди. У одам: «сендан қутулишнинг иложи борми?»- деб сўраганида, у: «бор, бунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) гўзал ахлоқига эга бўлишинг ва унга салоту салом йўллашинг керак!»-деб жавоб берган экан.
Ана шундай гўзал илоҳий ахлоққа етишмоқлик барчамизга насиб этсин! Бу бахтга одамийлик мулкига эга бўлмоқлик ила эришиш мумкинлигини унутмасак бас. Юсуф Хос Ҳожиб ҳазратлари айтадиларким: «Қиз эрмас бу ялнчуқ, кишилик қиз ўл» («ялнчуқ» - одам демакдир, «кишилик» - одамийлик, «қиз» - «қадрли» деган маънони англатади. Ҳикматнинг мазмуни: «Одамнинг ўзи қадрли эмас, одамийлиги қадрлидир».) Ана шу қадрга етишмоқлик йўлларини излаб кўрайлик. Сиз, муҳтарам китобхон билан бу сафарги суҳбатларимиз шу хусусда бўлади, инша Аллоҳ.
Дуо қилайлик:
-Йа Раббимиз Аллоҳ! Ўзингга эрта-ю кеч зорилик қиламиз: ишларимизни пишиқ қилмоғимизни, хом қолдирмаслигимизни насиб эт. Риё, кибру ҳасаддан ва барча ахлоқи замимадан бизларни халос қил, улардан безор бўлгувчилардан қилгин бизларни. Ахлоқи ҳамидалар билан зийнатланганлар сафидан бизларга жой бер.
-Йа Раббимиз Аллоҳ! Ўзингнинг каломинг ва расулинг ҳадиси шарифларига асосланиб тарбия китобларини ёзган улуғ салаф алломалар, донишмандларни Ўзинг мағфират айла. У шарафли зотларнинг китобларидаги ҳикматларни англаш учун бизлардаги ақл-заковатни зиёда этиб, уларга амал қилишга муваффақ қил. Бизларни зоҳирий ва ботиний илмлар билан музаййан қилгин. Қалб ва кўнгил кўзлари очиқ, маънавий-руҳоний оламнинг турли-туман гўзал ҳис туйғуларига соҳиб бўлган инсонлардан айла. Ички олами нурга тўлган, иймон зиёси билан мунаввар бўлган эътиқодли, шафқатли, марҳаматли, гўзал ахлоқли қулларингдан айла! Омийн, йа раббал оламийн!

 
Ё САОДАТ - Ё ФАЛОКАТ...

Бу боб инсон рўпарасида турган икки йўл ва тарбия мезони хусусидадир.

Кўчада нотаниш бир йигит мени бехос саволга тутиб қолди:
-Ҳамонки, инсон тақдири ҳали туғилмасидан илгариёқ белгилаб қўйилган экан, ёмоннинг яхши бўлишига ҳаракат қилмоғи беҳуда эканда?
Масалани тушунтириб беришга зарур илм каминада етарли бўлмаса-да, савол берилган, жавоб кутилмоқда эди. Ақлим етганича дедимки:
-Ҳа, кишининг тақдирини Аллоҳ ҳали туғилмасидан илгариёқ белгилаб қўйгандир. Аммо кишининг рўпарасида икки йўлни ҳам берган: бири - ҳидоят, иккинчиси - залолат. Бу йўллардан бирини танлаш учун эса унга ақл, зеҳн ва фаросат ҳам берилган. Айни чоқда бу ақлни қувватлантирувчи каломини ҳам туширган ҳамда ҳидоят билан залолатни фарқлашларида тўғри йўлни кўрсатсин, деб бандалари орасидан ўзининг расулини ҳам белгилаб қўйган. Кимки ақли ва қалби билан каломуллоҳни англабди, Расулуллоҳга (с.а.в.) эргашибди - у ҳидоятга етибди. Кимки англамабди, англашга интилмабди ёки интилишни истамабди - шайтоннинг этагини тутибди ва залолат йўлини ўзига маъқул кўрибди. Демак, Аллоҳ бандага ихтиёр бериб қўйибди.
Болалик ва ёшлиги атеистларча тарбия («атеист» сўзининг маъноси «худосиз»дир) билан ўтгани сўзларидан сезилиб турган нотаниш суҳбатдош билан шу тарзда фикр алмашдик. Мен қисқа суҳбатда унинг фикрини ўзгартира олишга қодир эмас эдим. Зеро, қалбларни ислоҳ этувчи яратган Эгамнинг ёлғиз Ўзидир. Ана шу учрашувдан кейин тарбия мезони ва асослари хусусида ўйлаб қолдим ва сиз азизлар билан ният қилганим суҳбатнинг дастлабки бобини шу мавзуга бағишлашни ихтиёр этдим.
Абдулла Авлоний ҳазратлари ёзган эканлар: «Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак - танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига «яхши хулқ» деган давони ичидан, «поклик» деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, «Ҳассину ахлоқакум» амри шарифи узра хулқимизни тузатмакка амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур... Ҳукамолардан бири: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур»,-демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак - оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядир...»
Мазкур фикрларни яхшилаб англаш учун тарихга мурожаат қилайлик: ўтмишда диёримизда бир неча марта кучли-кучли давлатлар қад ростлаган ва кўп ўтмай нураб, яксон бўлган. Афсусли ери шуки, давлатларнинг йўқ бўлишига ташқи душманларнинг зарбаси эмас, кўпроқ ички низолар сабаб эди. Хусусан, амир Темур салтанатининг тарихини эслайлик. Бу ҳолатни тарихчилар қандай шарҳлашса шарҳлашсин, лекин биз деймизки, дунёни лол қолдирган салтанатнинг емирилишига шаҳзодаларнинг яхши тарбия кўрмаганлари сабабдир. (Бу хусусда кейинги бобларнинг бирида алоҳида тўхталиб ўтармиз, инша Аллоҳ).
Энди бизларни бир масала кўп ўйлантиради: тарбиячи ким? Ота-онами, мактаб муаллимларими? Биз бу ҳақда «Жиноятнинг узун йўли» деб аталмиш рисолада батафсил фикр юритганимиз сабабли сўзни мухтасар қиламиз. Фақат бир нарсани таъкидлаймиз: бола «Сен тарбиялашинг керак», деб гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оширадиган копток эмас. Фарзанд тарбиясига ота-она масъул, мактаб эса бу соҳада кўмакчи. Ҳа, айнан шундай. Чунки фарзанднинг оилада олган тарбиясига қараб ота-онасига роҳат ёки жазо келтиришини ҳамма билади. Отанинг иш-амали фарзандига сингса, унинг хулқида жилвагар бўлади. Болани тергаб-назорат қилиш ота-она юзининг ёруғлигини таъминлайди. Тарбиядан ташқаридаги бола бебош ва ярамаслик сари оғади. Эрка бўлиб ўсган ўғил-қизлар хатти-ҳаракати ота-онага мунг ва алам келтиради. Шу боис ҳам Абдулла Авлоний таъкид этганларидек: «тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидур» дейилмиш фикрни барчамиз бирдек шиор сифатида қабул қилмоғимиз лозим бўлади.
Афсусларким, айримларимизнинг кўнгилларимиз кўчага боғланган. Ишга, улфатга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан ортиқ. Чойхоналарда, ресторанларда, турли зиёфатларда яйрашга умримизнинг ҳисобсиз соатларини беҳуда сарфлаймиз. Бола тарбиясига эса вақтни қизғанамиз. Сариқ чақага арзимас матоҳларимиз фарзандларимизга нисбатан қийматлироқ. Пиёлани синдириб қўйса аямай урамиз, гулдонни синдирса дўппослаймиз. Агар ака укасини урса яна жазолаймиз. Ҳолбуки, каттанинг кичик, кучлининг кучсиз устидан ҳоким эканини ўзимизнинг айнан шу ҳаракатимиз билан ўргатяпмиз: гапга кирмаган кичикни ёки кучсизни уриш мумкин!
Бола шўхлик қилса «ҳали қараб тур, дадангга айтаман», деб қўрқитамиз. Ота келганда бола ёмонланади. Айни шу ҳолатда ота-бола орасига душманлик уруғи сочилганини фаҳм этмаймиз. Отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатмай, ота келганда уни иззат-ҳурмат билан кутиб олишни ўргатиш афзалроқ эмасмикин?
Абдурауф Фитрат ҳазратларининг бизга бир оз кескинроқ, ҳатто қўполроқ туюлиши мумкин бўлган баёнлари бор. Бирга ўқийлик: «...кўрайлик-чи, биз мусулмонлар, хусусан туркистонликлар, ўз фарзандларимизга тарбия беряпмизми ёки йўқми? Саволнинг охиридаги сўз бунга жавоб бўла олади, яъни «йўқ!» Мен буни шундай исбот қиламан: биз, туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз. Эшак ва қўйларимизни фарзандларимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз, деб айтмаяпман. Йўқ-йўқ, болаларимиз жонимиздан ҳам азиз. Улар назаримизда ҳаммадан суюкли ва ардоқли. Лекин бахтимизга қарши шуни эътироф қилиш лозимки, шунча муҳаббат ва меҳрга қарамасдан, эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз! Менинг бу сўзларимдан ҳайрон бўлманг, сабр қилинг, даъвомни исботлайман. Фалон нарсани тарбиялаш, яъни уни аста-секин камолга етиштиришдир. Назаримизда қўйнинг камоли унинг семизлиги ва соғломлигидадир. Эшакнинг камоли унинг кучи, оёқларининг бақувватлиги ва яхши юришидадир. Фараз қилинг, қўзи ёки ҳўтик сотиб олиб уйга келтирасиз. Диққат билан уларга қараб, бир муддатдан кейин қўйни семиртириб, эшакни бақувват ва йўрға қиласиз, яъни уларни тарбиялаб, камолга етиштирасиз. Аммо азиз фарзандларингизга шундай диққат билан тарбия бермайсиз. Баҳона қиласизки, болангиз ҳам камолга етишган. Эътироз билдиришингиз мумкинки, биз молларимизни боқишга қанча уринсак, фарзандимиз тарбиясига улардан юз баробар кўпроқ ҳаракат қиламиз, деб.
Бу даъвоингиз маълум бўлса-да, аммо тўғри эмас. Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган. Бас, маълум бўладики, у киши молининг касал бўлмаслигига кўпроқ эътибор берар экан. Сўзингиз тўғри бўлса ҳам менинг даъвойимга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. Ҳақиқатдан агар одам қўй ва эшакка ўхшаб камол топиши соғлиқ, билакларининг кучлилиги билан чегараланиб қолганида эди, биз ҳам фарзанд соғлиғи учун бўлган ҳаракатни, фарзанд тарбияси деб атардик. Тану тўшли ва соғлом болани камолга етишган деб қабул қилардик.
Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат. Одамнинг жисми, ақли ва ахлоқи турли касаллик ва нуқсонлардан узоқ бўлиши лозим. Одам ҳам ўз манфаатини ўйлаб, ҳам яқинларини бахтиёр қилишга қодир бўлиб ўсиши лозим. Зотан, бу мантиқий олишувларга нима ҳожат бор?»
Бу фикрлар тўқсон йил муқаддам баён этилган, лекин айрим жиҳатларидан бугун айтилаётганга ўхшайди, шундай эмасми? Демак, тарбияда ҳали етарли илгарилаб кетолмабмиз. Бугун биз бола тарбияси деганда уни яхши кийинтиришни тушуняпмиз, катта пул сарфлаб ўқишга киритишни англаяпмиз... Агар автомашинамиз бузилиб қолса, устахонада бир кун ёки бир ҳафта ўтиришимиз мумкин, аммо фарзандимиз билан бир соат ёнма-ён ўтириб дарс тайёрлашга тоқатимиз етмайди.
Биродарларимиздан бири мақтанди: «синфдошларимиз билан дўстлигимизни ҳеч бузмаймиз. Ҳар куни ишдан кейин фалончи ўртоғимизникида учрашамиз, чой-пой ичиб, шахмат-нарди ўйнаб, телевизор томоша қилиб, кечқурун баъзан ўн бир - ўн иккигача ўтирамиз...» Албатта дўстликни узмаслик яхши, бироқ, оила бағрига барвақт бориш ундан аълороқ. Ҳар куни уйига кеч борса, болалари бу вақтда ухлаб қолган бўлади. Тарбия билан қачон шуғулланади? Назаримизда бу биродарларимиз дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида нотўғри тушунчага эгалар, оила, фарзанд тарбияси, деган тушунчадан эса бутунлай маҳрумлар.
Ҳаёт - имтиҳон эканлигини аввалги бобда айтиб эдик, яна шу мавзуга қайтсак: имтиҳон бор жойда бурч, жавобгарлик, масъулият бўлади. Инсон ана шу масъулият билан дунёга келади. Барчамиз зиммасига омонат юклатилган, имтиҳонда турган инсонлармиз. Бу дунё нашъали, аммо асл жойимиз эмас. Биз фарзандларимиз тақдири учун ҳужайраларнинг энг олис нуқтасигача, вужуднинг ҳар бир заррасига қадар жавобгар бўлган кишилармиз. Ўзимиз жаннатга кирсагу азоб фаришталари фарзандларимизни жаҳаннам ўтига отсалар, юрагимиз бардош берармикин? Агар бирон киши фарзандимизнинг қўлига чўғ босаман, деса хотиржам қараб турамизми? Ўйлаб ҳам ўтирмасдан ҳимояга ташланамиз! Хўш, нима учун жигарбандларимизни дўзах ўтларидан ҳимоя қилишни ўйламаймиз? Бу бир масала. Иккинчи масала - дўзахий фарзандларни “тарбиялаган” ота-онага жаннат насиб этармикин? Бу ўринда жумла тузишда хатога йўл қўйдик: эҳтимол «дўзахий болаларни «тарбиялаш» эмас, «болаларни дўзахбоп қилиб тарбиялаш» десак тўғрироқ бўлар? Йўқ, энг тўғриси - «болаларни умуман тарбия қилмаган»...
Ўзларича дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётган ўша биродарларимиз ўйлаб кўрсинлар: қиёматда «нега ўртоқларингникида чой ичмадинг, нега тун ярмигача ўтирмадинг?» деб сўралмайди. «Сен ўзингни қандай тарбия қилдинг ва фарзандларингга нега тарбия бермадинг?» деб сўралади. Қиёматдаги жазога анча вақт бор. Бу дунёдаги жазо кўп куттирмайди. Агар фарзанди гиёҳвандларга қўшилиб кетса (Аллоҳ сақласин!), бузуқликни касб этса (Аллоҳ сақласин!) дардини кимга айтади? Кимни айблайди? Кимдан нажот сўрайди?
Гўзал хулқ ва тарбияли онанинг хислатлари, яхши феъл-атвори фарзандларида ҳам намоён бўлади. Улар ҳам оналарининг гўзал хислатларига эга бўладилар. Табобат фани онадаги турли ички хасталиклар болада ҳам бўлишини исботлади. Ирсият фани онадаги ички хасталиклар билан бирга ундаги руҳий, маънавий жиҳатларнинг ҳам болада такрорланишини исботлаган. Бу тарбияни бола туғилмасидан олдин, ҳатто оила қурмасдан олдин бошлаш керак, дегани эмасми?
Ота ўз фарзандларига мерос этиб молу дунё эмас, одоб-ахлоқ қолдириши керак. Мол-дунё мероси кундан кун камайиб, одоб-ахлоқ мероси эса ошиб боради. Бу ривоят фикримизнинг далили:
Миср ҳукмдори билан Рум ҳукмдори ўзаро келишиб, дўстлик аҳдини туздилар ва орадаги адоватга барҳам бердилар. Ҳатто Миср ҳукмдори Рум ҳукмдорининг қизини ўғлига никоҳлаб, қизини эса Рум шаҳзодасига узатди. Уларнинг дўстлик ва қариндошлик алоқалари узоқ давом этди. Бир куни Рум ҳукмдори қудасига бу мазмундаги мактубни йўллади:
-Кўзларимизнинг нурлари бўлмиш азиз фарзандларимизнинг бизлардан кейин ҳам фароғатда яшамоқликлари учун ҳозирдан чора-тадбир кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп олтин жамладим. Чиройли боғ ва сарой барпо эттирдим. Сиз ҳам шундай қилгандирсиз?
Миср ҳукмдори мактубни ўқиб табассум қилди ва бу жавобни йўллади:
-Азизим, мен сиздан кўра сал бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё ва матоҳларига илтифот этмаганим туфайли ўғлимга олтину жавҳарлар эмас, илм, ҳунар, одоб, ахлоқни мерос этиб қолдиришни истадим. Уни илмли, ҳунарли, хушахлоқли қилиб тарбияладим. Уни яхши адаб либоси билан безадим. Мол-дунёга қачондир завол етади, аммо мен қолдираётган меросга ҳеч замон завол етмайди. Бу мерос фарзандимни ҳар қандай бало-офатлардан омон сақлагай...
Бирга ўйлайлик: тарбиясиз одам жонсиз жасад каби эмасми?
Даврага қўшилгувчи ҳар бир одам аввал ўзининг ташқи кўриниши, қиёфасига қараб қабул қилинади, сўнг эса тарбияси ва фазилатига қараб тақдир этилади. Кишидаги фазилат гўё фарзанд кабидир, уни авайлаб сақлаш ва янада баркамол этиш лозим. Ҳар бир одам, аввалроқ айтиб ўтганимиздай, ўзини ўзи тарбия қилишга ўрганиши керак. Инсоннинг улуғлиги ўзини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан билинади. Буни тушуниш учун Ийсодан (алайҳиссалом) бир ривоятни эслаймиз: Ийсодан (алайҳиссалом) сўрадилар: «Сизни ким тарбия қилди?» Жавоб бердиларки: «Мени ҳеч ким тарбия қилмади. Жоҳилнинг жаҳолатини, ахлоқсизнинг ахлоқсизлигини қусур ва айб сифатида кўрдим. Жаҳолат ва ахлоқсизлигидан қочдим». Мазкурни тушунуш учун қисқа изоҳ лозим. «Ҳеч ким тарбия қилмади» деганларида албатта атрофларидаги одамлар назарда тутилган. Чунки барчанинг тарбиячиси - Раббиси Аллоҳдир. Аллоҳ ўзининг элчисини жаҳолат ва ахлоқсизликни қусур ва айб сифатида кўрадиган қилган. Улардан қочиш эса бу иллатлардан нари туриш, ҳоли бўлиш деган маънода.
Киши ўзини ўзи тарбия қилишга ўрганиши лозим, деган фикрни қувватлаш учун Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган бир ҳадиси шарифнинг маъно таржимасини ўқиймиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: «Ҳар бир мўъмин банда ўз биродарининг кўзгусидир. У биродарида бир айбни кўрса, ўзида кўрган шундай айбни тузатишга ҳаракат қилиши керак». Яъниким, биз биродаримизда ҳасад ёки чақимчилик иллатини кўриб турибмиз. Уни тарбия қилишимиздан аввал биз ўзимиздаги ўша иллатни тузатишга киришмоғимиз керак экан.
Ўзини ўзи тарбия қилмоқ қандай бўлади?
Оғзаки насиҳатларни эшитамиз, китобларда ўқиймиз, масалан, бу каби:
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига дебдилар: «Қариндош уруғлардан алоқангни узма, ўйлаб иш тут. Одамларни ғийбат қилма, одамлар ёмон ишга бош қўшса, сен уларга қўшилма. Шошилиб иш тутма, бойлик деб ўзингни ғам-қайғуга ташлама. Ўз қадрини билмаган одамдан яхшилик умид қилма. Ўтиришларда ўз жойингни бил, одамларнинг сўзларига қулоқ сол, одамлар сўраса гапир, ўзингдан улуғлар олдига тушиб юрма, одамлар ичида бошингни қуйи солиб ўтирма, ўнгу чапга қарайверма, меҳмонлар олдида бировга ўшқирма, меҳмонга эса иш буюрма. Маст ва девона одамлар билан ҳамсуҳбат бўлма. Бекорчи одамлар билан кўчада ўтирма. Ўз фойдангни ўйлаб обрўйингни тўкма. Ўзига бино қўювчи такаббурлардан бўлма. Хусуматдан узоқ бўл, сенга иш буюрсалар бажар, ваъда қилсанг, албатта уддасидан чиқ. Ҳеч кимни ранжитма...»
Ҳиндистонлик донишманд эса ўғлига бундай насиҳат қилибди: «Азиз ўғлим, қўлингга кирмаган ёки қўлингдан кетган нарса учун қайғурма. Ҳар ерда куракда турмайдиган беҳуда сўзлар сўзлаб юришдан йироқ бўл. Нокас, қурумсоқ кишидан қарздор бўлма. У билан асло муомала қилма, кейин пушаймон қиласан. Шарм-ҳаёсиз ва бахил киши билан суҳбатдош бўлма, шундай ярамас одамлар билан қўшни бўлмасликка ҳаракат қил. Ўз кучинг орқасидан нон топиб егил, текинхўрликка ўрганма, олижаноб мард одамлар билан суҳбатдош бўлсанг, яхшилик билан ном чиқарасан. Мақтанчоқ ва эзма одамлардан ҳазар қил...»
Бошқа бир донишманднинг насиҳати будир: «Фалокатга дучор бўлишни истамасанг -мағрур ва мутакаббир бўлма. Роҳатда яшашни истасанг - дилингни ҳирсдан пок қил. Хору зорликни истамасанг - таъмагир бўлма, ўзингга яхшилик қилинишини истасанг - яхшилик қил, ҳеч кимга озор берма, яхшиликни улуғ иш деб бил. Қадр-қимматинг ошишини истасанг - баланд ҳимматли бўл. Ишинг пушаймонлик билан натижаланишини истамасанг - аввал яхшироқ ўйлаб, доно, тажрибакорлар билан кенгашиб, сўнгра ишга кириш. Ўзингни ҳаммага севдиришни истасанг - феъл-атворингни тузат, адабли, тарбияли бўл. Обрўга, иззат ва ҳурматга эга бўлишни хоҳласанг - ҳалол меҳнат қил. Ҳамманинг қошида ишончли, марғуб ва мақбул одам бўлишни истасанг - ёлғончиликдан сақлан, чақимчи, иғвогар бўлма, маънисиз, тутуруқсиз сўзларни айтиб юришдан ҳазар қил. Мабодо ўнғайсиз ҳолда қолсанг, ишингда муваффақиятсизликка учраб, қайғу-ҳасрат ичида қолсанг - дод-фарёд қилиб юрма, сабр қил. Ўнғайсиз ҳолдан қутулиш чорасига кириш...»
Бу каби насиҳатлар доноларнинг бизларга берган йўл-йўриқларидир. Таъбир жоиз бўлса, кишининг ўзини ўзи тарбиялашидаги бир режадир. Энди режани қандай тарзда амалга оширади -унинг ақлига боғлиқ.
Юзаки қаралса, бу насиҳатларга амал қилиш унча оғир эмас. Айтайлик, одамлар орасида бошни қуйи солмаслик, меҳмонга иш буюрмаслик... Агар бу фазилат ўзимизда бўлмаса, тез кунда ўрганиб кетишимиз мумкин. Лекин айрим фазилатлар - ахлоқи ҳамидалар борким, унга эришиш кунлар, ойларни талаб этади. Яъниким, киши ҳар дақиқа, ҳар соат, ҳар кун бу соҳада ўзини ўзи тарбия қилиб бормоғи талаб этилади. Дейлик, бир кун тарбия этмадими, яхши фазилатни бир кун унутдими - издан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Фазилатнинг ўрни узоқ вақт бўш турмайди, у бизни тарк этдими, дарҳол ўрнини иллат, ёмон хулқ эгаллайди. Баъзан киши яхши хулққа эришишни истайди аммо бунинг уддасидан чиқиш ёлғиз ўзига боғлиқ эмас. Ёмонлар билан ҳамсуҳбатлик масаласи бу фикрга мисол бўла олади. Бир кишининг зулмкорлигини ёки разиллигини биласиз, лекин ундан нари туришнинг иложи бўлмай қолади.
Ўзгага тарбия беришдан кўра ўзни тарбия этмоқ юз чандон оғирроқдир. Ўзгага тарбия бериш учун билимга ёки ҳаёт тажрибасига таяниб, тоқатингиз етганича насиҳат қиласиз. Тарбияланувчи насиҳатларингизни қулоққа олмаса, қўл силтаб қўя қоласиз. Киши ўзини тарбия қилиши учун эса жуда мустаҳкам иродага эга бўлиши керак. Чунки ўзни тарбия этмоқлик вужудингизга ҳукмронликни даъво этаётган нафс ва шайтон билан олишиб, енгмоқликдир.
Ақлингиз дейдики:
-Шунча юрганинг етар, ҳидоят йўлига кир. Бугун хизматдан қайтгин-у, таҳорат ол, поклан, солиҳ қўшниларингга қўшилиб масжидга чиқ, пешонангни саждага қўй...
Шайтон дейдики:
-Масжидга чиқишга улгурасан, ёшинг олтмишдан ошсин, бугун ресторанга зиёфатга таклиф этилгансан, маишатингни қил.
Ақлингиз дейдики:
-Чақимчилик қилма, гуноҳга ботасан.
Шайтон дейдики:
-Шу одамнинг шу ишини хўжайинга кириб айтсанг, ишдан ҳайдалади, унинг ўрнига ўзинг ўтирасан...
Ақлингиз яна дейдики:
-Хизматчи подшоҳга бошқа хизматчини ёмонлади. Шунда подшоҳ: «Гапларингни текшираман, агар тўғри сўзлаган бўлсанг, чақимчилигинг учун сендан нафратланаман, сени душманим деб биламан. Ёлғон сўзлаган бўлсанг туҳматчилигинг учун жазолайман» деган экан, сен ўша хизматчи ҳолига тушиб қолмагин.
Шайтон яна дейдики:
-Бу сафсаталарга қулоқ солма, ҳозир унақа подшоҳлар йўқ...
Шу ўринда баҳсни шша ҳал қилиб беради. Агар ирода чинакам ақл билан қувватланган бўлса - енгади. Ўзини ўзи тарбия қилишда яна бир муҳим қийинчилик борким, уни «муҳит» деб атаймиз. Кишининг атрофида қандай муҳит бор? Иймонлилар, яхшилар бўлса бу тарбия жараёни енгилроқ кечади. Залолатдагилар бўлса... оғир, жуда оғир... Шу боис киши атрофини ақл кўзи билан кузатиб, ёмон давраларни тарк этишга жазм этмоғи шарт. Ботқоқда туриб ювиниб, покланишга уринишдан наф йўқ.
Энди тарбиянинг асослари нималардан иборатлиги хусусида фикрлашиб олсак:
Фазилатни қўриқлайдиган гўзал ахлоқни ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрликни донолар муҳим асослардан ҳисоблаганлар. Яна: ваъдага - вафо, насибага - ризо, ҳар бир бахтсизликка қарши чидамли бўлиш, ҳақиқат ва тўғриликка риоя қилиш...
Инсонни инсон бўлишига боис тарбиядир ва уч нарсага эҳтиёж сезади: истеъдодга, илмга ва машққа.
Ҳазрат Навоий дебдиларким: «Қобилиятли одамни тарбия қилмаслик -зулмкорликдир. Ноқобил одамга эса тарбия хайфдир. Тарбиянгни аяб, унисини нобуд этма, бунисига тарбиянгни зое қилма.
Қобилға тарбият эрур ул навъким, гуҳар,
Тушса нажосат ичра югай кимса они пок.
Гар ит узумига киши май бирла берса сув,
Бу тарбият била қила олғайму они ток.»
(Қобилиятли кишига берилган тарбия гавҳар каби қийматлидур. Гавҳар нажосатга тушса ҳам ювилса тозаланади, қийматини йўқотмайди. Итузум май билан суғорилса ҳам итузумлигича қолади, ҳеч замон токка айланмайди.)
Бош ақл ва илмга тўлиб тошса ҳам, ахлоқни сира унутмаслик керак: инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни, виждон ва нафсни тарбиялаши, эҳтиросини бошқара олиши, хунук одатларни тарк этиши, илмий ютуқларини инсоният фойдасига йўналтириши керак. Йўқса, у тўғри йўлдан озиши мумкин. Яъни Ватан ва халқини мудофаа қилишга масъул ҳарбий одамнинг тарбияси дуруст бўлмаса Ватанига хиёнат этишдан ҳам қайтмас. Беморларни ҳалол ва холис равишда даволашга қасам ичган врач қасамини бузар. Ҳатто порахўр ва судхўр мол-дунё эвазига юртини бошқалар қўлига мустамлака қилиб беришдан ҳам тап тортмас.
Тарбиялаш шахсий намуна, оғзаки ёки ёзма насиҳат йўли билан амалга оширилади. Ана шу насиҳатларни олмайдиган одам бахтли бўладими? (Бу ҳақда ҳам аввалги бобда сўз юритиб эдик, такрорни қусур эмас, таъкид сифатида қабул қиласиз, деган умиддамиз ва бундан сўнг ҳам аҳамиятли масалаларда шу каби такрорларга ўрин берамиз.)
Баъзиларга насиҳат қилсангиз малол олади, ҳатто ғазабланади.
-Қизингиз тор шим кийиб, киндигини очиб юрибди, яхши эмас,-дейсиз. Сизнинг ниятингиз холис, бу юришда ёш қизнинг (Аллоҳ сақласин!) бузуқ йўлга кириб кетиши ҳеч гапмас. Аммо биродарингиз буни фикр қилмайди, унга айни дамда сизнинг ақл ўргатишингиз ёқмайди ва дейдики:
-Менинг қизим билан ишинг бўлмасин, ўзингнинг болаларингни тарбия қилавер.
У нодон жаноби Расули акрамнинг (с.а.в.) «Икки мусулмон ўзаро учрашганида Аллоҳ албатта уларни бир-биридан фойдалантиради», деганлари муборак ҳадисларидан бехабардир балки? Мазкур ҳадисда дейилмоқчики, икки мусулмоннинг бирлашгани икки қўл кабидир: бир-бирини ювиб поклайди. Битта қўл чала ювади, ўзидан бошқасини юволмайди. Аммо икки қўл бир-бирини тозалайди.
Нодонларга насиҳат бир ривоятни ёдга солади:
Қуёш ботиб, дунё юзини зулмат пардаси қоплаганда жиловсиз изғирин ҳар томонга югуриб, маймунлар тўдасига ҳужум қила бошлади. Бечора маймунлар совуқдан титрар ва исиниш учун чора ахтарар эдилар. Улар ногоҳ ялтироқ қуртни кўриб қолдилар. Уни чўғ деб ўйлаб, талай ўтин йиғиб, атрофига қаладилар ва ҳадеб пуфлайвердилар. Дарахт тепасидаги қуш уларнинг бу нодонликларидан кулиб: «Бу олов эмас, кечалари ялтираб кўринадиган қурт», деса ҳам эътибор бермадилар. Шу аснода ўткинчи бир одам аҳволни кўрди ва қушга қараб: «Ўзингни кўп койитма, улар сенинг сўзингга қулоқ соладиган, фойдасиз ишдан воз кечадиганлардан эмас. Уларга насиҳат қилиш - қилични тошга уриш ва шакарни сув остига беркитиш билан баробардир»,-деди. Қушнинг нодонлиги маймунларникидан қолишмас эди, у одамнинг насиҳатига қулоқ солмай, маймунларнинг хатосини тушунтириш учун дарахтдан тушиб, улар ёнига келди. Маймунлар эса... уни ўраб олиб, бошини узиб ташладилар...
Ҳазрат Навоий бежиз айтмаганлар: «Телба қулоғига панд - қуюн оёғига банд» - яъниким, нодонга насиҳат қилганинг - бўроннинг оёғини кишанлаб олишга уриниш кабидир...
Айрим биродарларимизнинг насиҳатга муносабатлари сал бошқачароқ. Улар насиҳатни кескин рад этмайдилар, аммо иймон йўлидан юришни галга солаверадилар.
-Ичманг, биродар, ҳаромдан ҳазар қилинг,-дейсиз.
-Хўп, ташлайман, фалон ташвишимдан қутилиб олай...-дейди.
-Қимор ўйнаманг...
-Хўп, кейинги ойдан ташлайман...
-Савоб ишларга рағбат қилинг...
-Хўп... хўп...
Ўнлаб ҳатто юзлаб «хўп», «хўп»... аммо аҳдида турмайди. Насиҳатни давом эттирсангиз «иродам бўшлик қиляпти», каби баҳоналарни тахлаб ташлайди. Эҳтимол чинданам иродаси бўшдир. Бироқ, бунинг иймон заифлигидан эканини англайдими у биродаримиз? Насиҳатга кўнса-да, галга ташлаётган, амалга оширишни орқага сураётган бу биродаримиз ҳали узоқ умр кўраман, ҳар қандай савобга улгураман, деб ўйлайди. Эртага бўлмаса индинга албатта тузалишига умид қилади. Аммо бу умид инсонни маҳв этувчи туйғу эканини англаб етолмайди. Ахир киши савобли ишни бир кун эмас, ҳатто бир дақиқа ҳам ортга суриши мумкин эмас-ку! Ҳар бир одам, ёшми-қарими - фарқи йўқ, «ҳозир ёки бир оздан сўнг ўлиб қолишим мумкин. Дарҳол тавба қилиб, яхши одам бўлай, ёмон ишларимни ташлай», дейиши зарур эмасми? Лоқайдлик, айшу фароғат билан умр ўтказиш, тоат-ибодат ғамини емаслик кўнгилни ўлдиради, бора-бора инсонни маҳв этади. Ҳазрат Навоий таъкид этганларидек: «шафқатли насиҳатгўй гапини тингламаганнинг
жазоси - афсусланмоқ ва ўзини койимоқдир». Ҳазрат Ҳофиз Шерозий дейдиларким: «Доно қарияларнинг насиҳатига бахтли ёшларгина қулоқ соладилар». Абдураҳмон Жомий эса бундай дейдилар:
«Қулоқдан дилингга гар кирмаса нур
Сичқон кавагидан не фарқи бўлур?»
Донолардан бири деган экан: «Эй дўстим, агар сенда фазл дарёсининг дур-гавҳари бор бўлса, уларни насиҳатларингни қабул қилиб, шу насиҳатларга амал қилувчи яхшиларнинг оёқлари остига тўк. Насиҳатларинг зое кетмайди».
Халқимизда «Гапни гапир уққанга - жонни жонга суққанга» деган ибратли мақол бор. Маълумингизким, ҳазрати Сўфий Оллоҳёр «Саботул ожизийн» асарларини аввал форс тилида ёзиб сўнг туркий тилда ҳам баён қилганлар:
Ўзимдек хасталар бўлғайму деб шод,
Насойиҳдин ҳам андак айладим ёд.
Демоқчиларким: «Бу китобни туркий билан ёзганимнинг яна бир сабаби шуки, ўзим каби хаста кўнгиллар уни ўқиб қувонсинлар. Бунинг учун бир оз насиҳат сўзлар ҳам айтдимки, ўқиганлар ўгитлансинлар. Зероки, эси бор киши оз насиҳатдан кўп ибрат олар. Аммо бир аҳмоқ учун ваъздан катта китоб ўқиб берсанг ҳам зарра фойда олмайди».
Насиҳат тингламас дили сахт маҳжуб,
Кўкармас, тошга йағмур ёғса ҳам кўп.
Демоқчиларким: «Тош устига қанчалик кўп ёмғир ёғиб сув тушса-да, ўт чиқиб кўкармагани каби кўнгли қотган кишиларга қанчалик ўгитлар қилсанг ҳам қулоқларига олмаслар. Ўзлари учун бирор фойда ола билмаслар».
Бу фикр Бақара сурасидаги: «сўнгра шундай мўъжизаларни кўргандан кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у диллар тош кабидир», ояти каримаси билан қувватланади. Ёки Ҳашр сурасидаги «дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас», ояти каримасини «хайрли насиҳатларни қулоққа олиб, итоат этувчилар, ўзларини ҳидоят йўлида тарбия қилувчилар - жаннат эгаларидир, залолатни танлаган, насиҳатларга терс қараганлар эса ўзларига ўзлари дўзахни танлагандирлар» деган маънода талқин қилса ҳам бўлар, валлоҳи аълам! Мазкур ояти кариманинг давомига диққат қилайлик: «Агар биз ушбу Қуръонни бирон тоққа нозил қилганимизда, албатта Сиз у тоғни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб-ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз». Мазкурдан «айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас», деган маънони уқсак ҳам бўлади. Аллоҳ шундай кимсалардан бўлиб қолишдан барчаларимизни, қиёматга қадар туғиладиган зурриёдларимизни ҳам асрасин!
Оғзаки насиҳатларни кунда кўп марталаб эшитамиз. Аввало насиҳатнинг таъсири насиҳатгўйнинг ақлига, билимига боғлиқ. Шунингдек, қандай вазиятда насиҳат қилиш ҳам муҳим. Маст одамга «ичма» деб насиҳат қилиш - шамолга қарши қичқириш кабидир. Ғазабга миниб бировни сўкаётган одамнинг қулоғига ҳам сўкишнинг гуноҳ экани ҳақидаги насиҳатлар кирмайди. Насиҳатгўй тарбиясидаги одамнинг ёши, ақл даражасини, айни дамдаги руҳий ҳолатини ҳам ҳисобга олиши шарт. Айнан бир мавзу, масалан, сўкиш ҳақида ўн ёшли ва йигирма ёшли болага бир хилда, бир хил услубда гапирилмайди. Тарбия жараёнида доноларнинг «ёшлик -бепарволик, йигитлик - бир мусобақа, қарилик эса таассуфдир», деган таъкидларини унутмасак дуруст бўлади. Насиҳат деганда биз каттанинг ёшга ўгитини тушунадиган бўлиб қолганмиз. Кексароқ одамга насиҳат қилиш бизга ғалати туюлади. Ҳолбуки тарбия кексалар учун ҳам зарур. Тарбия маълум ёшга етгач тўхтамайди. Барчамиз яхши биладиган «Бешикдан қабрга қадар илм эгалла» дейилгувчи ҳадиси шариф бизларни шунга даъват этади. Алҳол, илм олиш ҳам тарбиянинг муҳим асосидир.
Насиҳатнинг яна муҳим шартларидан бири - насиҳатгўй насиҳат қилиш учун маънавий ҳуқуққа эга бўлиши керак. Яъни у бирон фазилатни эгаллаш ҳақида насиҳат қиляптими, демак бу фазилат унинг ўзида бўлиши керак. «Бировнинг ҳақига хиёнат қилма», деб ақл ўргатса-ю, ўзи бозорда тарозидан уриб турса, гапларининг таъсири бўлмайди.
Тарбиячилик, насиҳатгўйлик - масъулиятдир. Чунки бу вазифа Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Ҳадиси қудсийда ўқиймиз: «Бандаларимнинг ибодатлари ичида менга суюмлироғи -менинг йўлимда яхши амалларга тарғиб ҳамда холис насиҳат қилишдир». Эътибор берайлик: холис насиҳат ибодатлар ўрнида тилга олиняпти. Имом Термизий ривоят қилган шарафли ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва ер аҳли, ҳаттоки кавакдаги чумоли, денгиздаги балиқларгача -ҳаммаси салавот айтади». Кўриниб турибдики, тўғри йўлдаги тарбиячи - насиҳатгўйнинг мартабаси шу қадар баланд экан. Демак, зиммасидаги масъулият унданда баландроқдир.
Илм ўргатадиган даргоҳлар кўп: ўрта мактаблар, лицейлар, коллежлар, институтлар, университетлар, магистратуралар, аспирантуралар... Ўрганиш, ўргатиш, илм олиш бор, аммо яхши тарбия таълимини қаерда ўрганамиз? Яъни севгини, марҳаматни, ўз манфаатимиздан кечиб, бошқа бир инсонни қувонтиришни, холис, мухлис бўлишни қаерда ўрганишимиз керак? Бир-биримизни севишни, бир-биримизга ҳурмат кўрсатишни қандай ўрганамиз? Бунга ҳам устоз лозим...
Мактабларда одоб дарслари бор... ҳафтасига бир соат... Саҳрода ҳафтасига бир томчи сув билан суғориб дарахт кўкартириш мумкинми? Яна... мактабда «сўкма» деб ўргатадилар, уйга борганида сўкишдан бошқа нарсани эшитмайди...
Мавлоно Румий: «Модомики, юнонларнинг фалсафасини ўрганибсан, иймонлиларнинг ҳам фалсафасини ўрган, у ҳам керак!» - деган эканлар. Энди гап бошқалардан ўрганиш ҳақида. Тўғри, Америкадан ёки Европадан ўрганадиган жиҳатларимиз ҳам бор. Айтайлик, китобга бўлган қизиқиш каби. Аммо инкор этадиган томонларимиз кўпроқ. Уларнинг ўзларига хос одоб-ахлоқларини камситмаган ҳолда агар холис равишда таққосласак, кўп жиҳатдан ўзимизники афзал эканини кўрамиз. Масалан: уларнинг олижанобликлари бизнинг олижаноблигимиз каби эмас. Уларнинг меҳр-оқибатлари бизларнинг меҳр-оқибатларимиз сингари эмас... Ўтган йигирманчи асрда жадидлар тарбия ҳақида фикр юритганларида Европадан кўп нарса олишга ундаганлар. Миллатнинг равнақини шу билан боғлаганлар. Европанинг илм-фанда, маданиятда илғор эканига маҳлиё бўлганлар. Уларнинг фикрига бугун тўғридан-тўғри эргаша олмаймиз. Чунки тарбия соҳасида Америка ҳам Европа ҳам кейинги юз йил ичида таназзулга юз тутган. Буни ўзлари ҳам баъзан тан оладилар ва ижтимоий соҳаларда турли тадқиқотлар ўтказадилар. Франциялик адиб Албер Камюнинг «Бегона» деган асарига Нобель мукофоти берилган. Асар қаҳрамони ҳатто ўзининг онаси ўлимига ҳам бефарқ, севги ҳам унинг қалбини юмшата олмайди, хуллас у ҳар қандай меҳр-мурувватдан бегона бир руҳсиз тана. Асар қаҳрамони оддий бир йигит эмас, балки бугунги Европанинг рамзий тимсоли. Буни ўзлари ҳам тан олганликлари учун юқори мукофотга лойиқ кўришди.
Биз маҳлиё бўлаётган Ғарб жиноятчиликка қарши чора тополмаяпти. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар ўша томонларда туғиляпти ва жаҳонга тарқаяпти. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган аҳмоқликлар ҳам ўша ерларда туғилиб, юқумли касаллик каби тарқаяпти. Бунга биргина мисол: эркакнинг эркак билан (гомосексуализм), аёлнинг аёл билан (лезбиянка) никоҳланишини нима деб таърифлаш мумкин? Етти-саккиз ёшли қизчаларни, ўғил болаларни ўғирлаб, зўрлаб (педофил), сўнг ўлдириб юборишни қандай изоҳлаймиз? Ахир бу ваҳшийликлар оммавий тус оляпти-ку? Яхши, биз бу ҳаром ишларга Ислом дини нуқтаи назаридан баҳо бермайлик, Рим папасининг ўзи ҳам булардан ташвишда-ку? У барча мамлакатлар бошлиқларига мактуб йўллаб, эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан никоҳланишини ман этувчи давлат қонунлари қабул қилинишини тавсия этди. Аммо бу тавсия инобатга олинмади. Масалан, Германия бундестаги бу масалани муҳокама этиб, бундай қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларига зиддир, деган қарорга келибди. Ана аҳмоқлик! Гап қандай ҳуқуқ ҳақида кетяпти? Бузуқлик қилиш учун уларга ким ҳуқуқ берган? Улар Лут алайҳиссалом қавмига Аллоҳ томонидан юборилган қаттиқ жазога нима сабаб бўлганини билмасмикинлар?
Хўш, энди айтайлик, бугунда Ғарбдан нима олишимиз мумкин? Биз олмаймиз, деб рад этсакда, бу ҳайвоний ахлоқларни тарғиб қилувчи омиллар турли китоблар, интернет тармоқлари, телевидение орқали уйимизгача кириб келяпти-ку? Уларни қандай даф қиламиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўзимизда айтайлик, «эротик тарбия» деган аҳмақона йўналиш тарафдорлари бор. Улар ўсмирларнинг шаҳвоний ҳирсини уйғотувчи суратлар, фильмларни кўрсатиш билан болаларни тарбия қилишмоқчи. Сиз бунга нима дейсиз? Уларга қарши қандай чора-тадбир қўллашимиз мумкин? Бир биродаримиз уйидаги телевизорни беркитиб ташлабди. Шу билан мақсадга етамизми? Кўчалардаги интернетклублар, видеобарлар, дискотекаларчи?.. Уйингиздан анча узоққа жойлашган лицей ёки коллежга «ўқишга кетдим», деган фарзандингизнинг бу жойларга кирмай келишига ишончингиз комилми? Қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан ош-овқатни баҳам кўрамиз. Зиёфатларда тинмаймиз, бир-биримизга гап бермаймиз. Ана шу суҳбатларга диққат қилайлик: тарбия ва унинг усуллари ҳақида ҳеч сўз юритамизми? Йўқ! Нари борса бировимиз фарзандимизнинг қайсар бўлиб бораётганини айтиб шикоят қилиб қўямиз. Энди эсимизни йиғиб олайлик! Агар сел келса якка-ёлғиз ҳолда жон сақлаш маҳол. Бир-биримизнинг ёрдамимизга муҳтож бўламиз. Қарайлик: ёмон тарбия сели ёпириляпти, ўзимизнинг руҳиятимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни бу бало селидан қутқариш учун қўлни қўлга бериш вақти етмадимикин? Қўлни қўлга бериш - шунчаки қуруқ гап эмас. Полшаликлар буни амалда исбот этишган. Бир кун, бир соат бутун мамлакат аҳолиси кўчага чиқиб, қўлни қўлга бериб, жонли занжир ҳосил қилишган ва гиёҳвандликка қарши курашиш йўлида якдил эканликларини ифода этишган.
Кейинги йилларда илм даргоҳларида ислоҳотлар бўляпти. Қандайдир инглизча соҳаларни ўргатадиган муассасалар, жамиятшунослик, руҳиятшунослик, иқтисодиёт ва шу каби даргоҳлар мавжуд. Яна Ғарбдаги турли фондларнинг бўлимлари катта-катта пуллар сарф қилиб, нималар биландир шуғулланишади. Булар яхшидир, булар жамият учун зарурдир балки.
Лекин, такрор сўраймиз, инсонга қаерда ахлоқ ўргатилади? Инсон қаерда ахлоқ илми билан таъминланади? Гап ўргатиш, илм бериш ҳақида бораётгани йўқ. Ўргатмоқ - қайсидир соҳага оид маълумот бериш деганидир. Ўқув даргоҳларида илмли, маълумотли бўлади, аммо одам бўлиш... Халқимиз бекорга «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин», демаган. Шунинг учун тарбиянинг зарурлигини яна қайта-қайта таъкидлаймиз. Адабни, тарбияни олганидан сўнг киши ҳақиқий комил инсон даражасига етиши мумкин. Ўзимиздаги ёки четдаги университетда фақат илм олиш билан чекланган замонавий бир инсон комил одам бўла олармикин? Чинакам гўзаллик нима эканини ҳис эта олармикин?
Саййидимиз Расули акрам (с.а.в.) «Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади», - деб марҳамат қиладилар. Ҳа, Ўзи гўзалдир, гўзалликни яратгандир ва гўзал бўлган нарсани севади. Шунинг учун инсонда гўзаллик туйғуси, гўзал ахлоқ бўлиши шарт. Гўзалликка мафтунлик - ҳар бир ишни гўзал тарзда, яъни гўзал ахлоқ билан бажариш талаб этилади. «Аллоҳ сизлардан ишини мукаммал тарзда бажарадиганингизни севади. Ундай инсонга марҳамат қилади», деб башорат қиладилар жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.). Бу ўринда мусулмон кишининг иши сифатига аҳамият бериляпти. Исломда бир ишни сифатли бажаришга амр бор, яъни бажараётган ишини гўзал равишда қилиши шарт: қиличи энг ўткир бўлиши лозим, чинниси энг гўзал чинни бўлиши зарур, иморатлари энг гўзал обида бўлиши керак. Асрлар давомида қад ростлаб туриши, бузилмаслиги, хароб бўлмаслиги, мангу ва гўзал бўлиши шарт. Хуллас, қўл урган ҳар бир ишни гўзал ва мукаммал қилиш, энг юксак даражада, энг сифатли тарзда, муваффақиятли адо этиш учун яхши тарбия берилмоғи зарурдир.
Абу Райҳон Беруний ҳазратлари гўзалликни «ташқи ва ички» деб бўлиб, шундай фикр билдирган эканлар:
-Ташқи гўзаллик, қиёфадаги жамол - булар иккови ҳам ёқимли бўлиши керак, одамлар ўзаро учрашганларида ушбу гўзал жамолни кўришга рағбат қиладилар. Лекин шакл чиройи она қорнида ато қилинади, уни ўзгартиришга ҳеч бир зот қодир эмас. Аммо хулқ-атворга келсак, уни Аллоҳнинг амрларига мувофиқ даволаб, тарбиялаб, гўзал - покиза тутиб, ёмон ҳолларга туширмаслик мумкин.
Умми Дардо (розийаллоҳу анҳо) айтибдиларким: «Кечаларнинг бирида Абу Дардо намоз ўқиш учун ўринларидан турдилар-да, тонг отгунича: «Эй Аллоҳ! Мени чиройли қилиб яратганингдек, ахлоқимни чиройли қил!» - деб йиғлаб чиқдилар. Шунда мен у зотдан: «Эй Абу Дардо! Нима учун тун бўйи қилган дуойингиз фақат ахлоқингизни чиройли ва яхши қилиш ҳақида бўлди?» - деб сўрадим. Абу Дардо: «Бир мусулмон банда ўз ахлоқини яхшилашга ҳаракат қилавериб, охири шу яхши ахлоқи уни жаннатга киритади. Агар у ахлоқини ёмон қилаверса, шу ёмон ахлоқи уни дўзахга киритади», - дедилар».
Исломнинг бирор амри беҳуда эмас. Унинг амрларидан ҳар бири амалий бир тадбирга боғлангандир. Исломнинг гўзаллиги насиҳатни назарий ҳолга ташлаб қўймай, албатта татбиқини кўрсатганидадир. Тарбия ҳам айнан шундай.
Исломда ажойиб бир тарбия тизими, ички тарбия, ахлоқ тарбияси бор. Жамиятнинг комил инсонга эҳтиёжи борми, демак, Исломга ҳам эҳтиёжи бор. Дин ҳақида билмай туриб гапирадиганлар қайсарлик, ўжарлик ва беҳуда гапларни ташлаб, аввал Ислом динини чуқур ўргансинлар. Уятсизлик, андишасизликдан Аллоҳ сақласин!
Бутун дунёда гўзал ахлоққа эҳтиёж бор. Турли динлар, гуруҳлар, жамоалар ҳар хил йўллар орқали бу гўзалликка эришиш учун ҳаракат қиладилар, йўллар ахтарадилар. Уларнинг аксари адаш йўлларда сарсари бўлиб ўтадилар бу дунёдан, айримлари эса ҳалокат жарига ҳам қулайдилар.
Инсонларни қандай тарбиялашни Ислом яхши билади. Сўздан - маънога, шаклдан - руҳга, зоҳирдан - ботинга кириб боришни билади. Шу боис Ислом шаклга ҳам эътибор беради. Чунки шакллар алалоқибат амалда гўзал маънавиятни юзага келтиради. Масалан, салом берилиб-берилиб ўзаро муҳаббат пайдо бўлади. Шу зайлда Ислом муҳаббатга, ўзаро биродарликка ташвиқ қилади. Муҳаббатнинг эса буюк савоби бордир. Бир-бирлари билан хафалашганларнинг одатлари маълум: салом-алик қилмайдилар ва шу ҳаракатлари билан муҳаббатни бўғадилар. Оқибат эса бу муҳаббатни бутунлай ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин. Ҳолбуки, бир инсон бошқа бир инсоннинг тўғри йўлга киришига васила бўлиши, уни жаҳаннам йўлидан қайтариб, жаннат йўлига бошлаши, жаннатий бўлишига сабабчи бўлиши дунёдаги барча нарсага эга чиқишдан кўра яхшироқ ва хайрлироқдир.
Мусулмонлик - гўзал, аммо мусулмонлар орасида қусурли, нуқсонли биродарларимиз, опа-сингилларимиз ҳам борки, бу бизнинг афсусимиз, бу бизнинг қалбимиз жароҳатидир. Биродарларимиз, опа-сингилларимизни қусур ва нуқсонлардан қутулишларига ҳар биримиз имконимиз қадар кўмаклашишимиз лозим бўлади. Бунинг учун динни билишимиз керак ва бу билимни тинмай бойитиб боришимиз шарт. Фиқҳ китобларида «Инсон фойдасига ва зарарига бўлган нарсаларни билиши лозимдир», деб таъкидланади. «Қайси нарса менинг фойдамга, қайсиси зараримга - буни билсам, динни яхши биламан», дегани бу. Дин - ахлоқни тузатишнинг энг яхши йўлидир.
Киши Исломга кирди, беш вақт намоз ўқияпти, дегани ҳали Ислом ахлоқини эгаллади, деган гап эмас.   Намозини ўқиб, ғийбатдан бўшамайдиганлар озми, бошқаларга зулм қилувчилар-чи? Поранинг номини «ҳадя» деб ўзгартириб, ҳаромдан қайтмаётганлар-чи? Ҳа, мусулмон, агар ўзини ўзи тарбия этолмаса оқибатда бу ёмон одатларнинг қулига айланиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Кин, адоват, ҳасад, кибрланиш, бахиллик... кабилар ёмон одатлардан эканини ва булар «ахлоқи замима» деб аталишини биламиз, аммо афсуски, ундан қутулишга ҳаммамиз ҳам рағбат қилмаймиз, намозимизни ўқиб юраверамиз. Бир биродаримиз бошқа биров билан аччиқланиб қолса, дарров портфелидан жойнамозини чиқариб: «нима деяпсан, мен намоз ўқийман!» деб даъво қилади. Биз буни Ислом ахлоқи, дея оламизми? Албатта йўқ! (Бу ўринда муҳтарам суҳбатдошларимизга узримизни ҳам айтиб ўтмоғимиз лозим: иллатларни тилга олган кезларимизда булар Ислом динига тааллуқли деган фикр зинҳор хаёлингизга келмасин. Яна таъкид этамизким, Ислом дини бенуқсон, қусур бизларда бор ва танқидимиз ҳам динга эмас, ўзимизга, айрим биродарларимизга қаратилган. Мақсад - бирон бир биродарларимизни маломат қилиш эмас, балки қайси иллатлардан қай тарзда қутулиш масаласига барчаларимизнинг диққатимизни тортиш. Айрим нуқсонларни гапирганимизда баъзи биродарларимиз ўзларини кўрсалар, биздан ранжимасинлар. Чунки биз фақат бир кишига хос нуқсонларни тилга олмаймиз. Бир кишига хос айб унинг ўзига айтилади. Адабиётда кўпга хос бўлган гаплар қаламга олинади.)
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳдан (с.а.в.): «Гўзал ахлоқ нима, йа Расулаллоҳ?» деб сўрашганида, Саййидимиз жавоб қилдиларким: «Сенга зулм қилганни кечир, сенга бермаганга сен бер, сендан алоқасини узган билан алоқа ўрнат, борди-келди қил». Ахлоқ - инсонлар орасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим омил экан, бу каби ҳадиси шарифларни назардан четда қолдиришимиз мумкин эмас.
Ёвузлик, ёмонлик, разолат - инсондаги ёмон хулқнинг суюкли фарзандлари ҳисобланади ва унинг уч манбаи бор: 1.Нафс. 2.Шайтон. 3.Жаҳолат. Нафс ва жаҳолат мавзуига алоҳида боб ажратганимиз боис, айни ўринда шайтон хусусида сўзлашиб олсак:
Шайтон - биз кўролмайдиган, аммо мавжудлиги Қуръони Каримда билдирилган махлуқ. Барчамиз «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар», деб Аллоҳ томонидан огоҳлантирилганмиз. Шайтоннинг ўз ҳизби, гуруҳи бор: «шайтонул инс ва жин», яъни инсонлар ва жинлар тоифасидан ҳам шайтонлар мавжуд. Кишилар орасида шайтонлашган одамлар бор, кўринмайдиган жинлардан ҳам шайтонлар мавжуд, дейдилар. Шайтоннинг ўз олами бор - уни «шайтанат» дерлар. Султон салтанатни бошқаргани каби, шайтон шайтанатни бошқаради.
Дунёдаги инсонлар икки ҳизб - гуруҳдан иборатдурлар: биринчиси - ҳизбуллоҳ, иккинчиси -ҳизбушшайтон. (Бу атамаларнинг сиёсий йўналишдаги гуруҳ ва оқимларга мутлақо алоқаси йўқ. Бу ўринда руҳий олам тафовути назарда тутиляпти.) Шайтон инсон устидан қатъий ҳукм юргиза олмайди. Агар инсонда майл бўлмаса шайтон унга ўз таъсирини ўтказа олмайди. Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилади: «Албатта иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қилган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳга) шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир». Демак, шайтон мўъминларга осонликча таъсир эта олмайди. Фақатгина васваса қилади. Гуноҳ ишларни инсоннинг кўз ўнгида бирма-бир жилолантириб, улардан бирини танлаш учун инсон қалбини васвасага солади. Лаънатланган шайтоннинг Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бўлган суҳбатида унинг ўзи буни таъкид этади: «...қараганларга аёлни чиройли қилиб кўрсатаман. Унга баъзи ишларни қилдираман. Масалан, «қўлингни, билакларингни ташқарига чиқар, кўрсат ҳаммага», дейман. Аёл дарҳол бу амрни бажаради. Қўл-билакларини очиб, кўрсатади. Кейин бу аёлнинг ҳаё пардасини тирноқларим билан йиртаман... Эй Муҳаммад, бирон кимсани залолатга олиб бориш учун қўлимда имкон йўқ. Мен фақат васвасага соламан, бир нарсани чиройли қилиб кўрсатаман, халос. Агар залолатга олиб бориш учун қўлимда имконият бўлса эди, ер юзида «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ», дейдиганларни, рўза тутадиганларни, намоз ўқийдиганларни ҳеч ҳоли қўймасдим. Барчасини залолатга бошлардим...»
Баъзан бир айб иш қилиб қўйган биродаримиз афсус чекади-да «шайтон йўлдан урди», деб ўзини ўзи ҳимоя қилиб ҳам қўяди: агар шайтон адаштирмаса шу айбни қилмас эди. Лекин нима учун шайтон айнан шу биродаримизни йўлдан оздира олди? Нима учун бошқа биродаримиз шу гуноҳ ишни қилмади?
Энди тарбияда шахс намунасининг ўрни ҳақида фикрлашсак. Бировга насиҳат қилинганда «Фалончига ўхшасанг бўлмайдими?» ёки «фалончидан ўрнак олсанг-чи!» деган дашномни эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам одамда бошқа бир одамнинг яхши фазилатларига интилиш мавжуд. Баъзан бунинг акси ҳам бўлиши мумкин, яъни ёмонликларини эгаллашга интилиш эҳтимоллари ҳам бор. Ўтмиш жамиятда шахс намунасига жуда катта эътибор бериларди. Бунинг учун сохта қаҳрамонлар ясаларди. Болага боғча ёшидан бошлаб Лениндай бўлиш тарбияси бериларди. Сохталикнинг қандай оқибат билан тугагани маълум. Биз - мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, кимнинг шахсидан намуна олишимизни Аллоҳнинг ўзи белгилаб қўйибди. «Ботил мокисун ъалайҳ» - ботил ўрнак бўла олмайди (ботил - бузуқ, беҳуда демакдир). Ҳа, ботил ўрнак бўла олмайди. Ҳақ ўрнак бўла олади. Баъзи биродарларимиз дейдилар:
-Тақсир, фалончи бундай қилади-ку, менам қилсам-чи?
-Тақсир, фалончи ҳожи тўйига ароқ қўйибди-ку, менам қўяверайинми?
Азиз биродарим, сиз бунинг ўрнига «Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай қилганлар, мен ҳам шундай қилайин», деб айтинг ва шундай қилинг. Лекин шайтон қилган бўлса бу ишдан қайтинг. Ёмон хулқ шайтонникидир, ундан қайтинг. Ёмон хулқ эгаси сизга ўрнак бўла олмайди. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) даврадагилардан: «Қиёмат куни менга энг яқин бўлувчиларингиз кимлигини айтиб берайми?»- деб сўраганларида саҳобалар жим туришди. Бу саволларини икки ё уч марта қайтарганларидан кейин улар: «Ё Расулаллоҳ, айтиб беринг»,-дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Улар ахлоқда халққа ёқимлироқ бўлганлардир»,- деб марҳамат қилдилар.
Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ахлоқи билан ахлоқланмаган бир одам тушида Расулуллоҳни кўрибди. Ажабки, Аллоҳнинг расули унга ҳеч эътибор бермабдилар. Одамнинг бундан кўнгли оғриб, сўрабди:
-Эй Аллоҳнинг расули, мендан хафамисиз?
-Йўқ,-дебдилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
-У ҳолда нега менга қарамаяпсиз?
-Чунки мен сени танимайман,-дебдилар Сарвари олам (с.а.в.).
-Нега танимайсиз? Мен сизнинг бир умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишларича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини таниганидан ҳам яхшироқ танир экансиз.
-Тўғри айтдинг,-дебдилар Пайғамбаримиз (с.а.в.),-лекин мен сенда менинг гўзал ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман. Ва сенинг менга ҳеч салот-у саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим - унда ахлоқимнинг қай даражада борлигига боғлиқ.
У одам уйғонгач, эшитганларини ўйлабди ва шу ондаёқ Расулуллоҳ (с.а.в.) феъл-атворларини ўз ҳаётига тадбиқ этишга киришибди. Бир муддат ўтгач, Аллоҳнинг расулини (с.а.в.) тушида такроран кўрибди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дарҳол:
-Энди сени танидим, сен учун шафоат қиламан!-дебдилар.
Бундай дейишларига сабаб, энди у одам Расулуллоҳни (с.а.в.) севар, ул муҳтарам зотнинг гўзал ахлоқига мослашган эди.
Фикр қилайлик: биз ҳам шундаймизми? Агар бизларга ҳам (инша Аллоҳ!) Пайғамбаримизни (с.а.в.) тушимизда кўриш бахти насиб этиб қолса Сарвари олам (с.а.в.) бизларни танирмикинлар?
Абу Абдуллоҳ Жадалий айтдиларким: «Ойишадан (розийаллоҳу анҳо) Пайғамбарнинг, алайҳиссалом, оилаларида хулқлари қандай эди?» - деб сўрадим. Онамиз айтдилар: «Хулқда инсонларнинг энг гўзали эдилар. Фаҳш сўзларни сўзловчи ва фаҳш ишларни қилувчи эмас эдилар, бозорларда бақириб юрувчи ҳам эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, аксинча, гуноҳидан ўтиб, кечирар эдилар».
Эй кўнгил, биз-чи? Биз бу масалаларда қандаймиз?
Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) айтадиларким: «Расулуллоҳ (с.а.в.) кўпинча: «Эй Раббим! Мен сендан тан соғлиғини, нафснинг ёмон йўлларга бошлашдан сақланишни, Ўзингга ва халқларингга ишончли бўлишни, яхши ахлоқли бўлиш ва тақдирга рози бўлишга муяссар қилишингни сўрайман»,- деб дуо қилар эдилар».
Биз-чи? Биз дуоларимизда Раббимиздан ўзимиз ва яқинларимиз учун гўзал ахлоқ тилаганмизми?
Усома ибн Шурайж айтдилар: «Аъробийлар Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ! Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?» Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: «Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир».
Мазкур ҳадиси шарифдан олингувчи маъно: ахлоқнинг энг яхши фазилат экани ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ана шу энг яхши фазилат эгаси эканликлари. Такрор ва такрор демоқчимизки, яхши хулқни ўрганиш учун узоқлардан маъно изламайлик, Сарвари оламнинг (с.а.в.) ҳаётларини ўрганиш биздаги яхши хулқларни тарбия этишга хизмат этади. Шунинг баробаринда хулофои рошидин, улуғ саҳобалар, тобеин ва табаъа тобеинларнинг яхши хулқлари ҳам биз учун ўрнакдир. Зотан, улар Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) хулқларини ўзларига сингдирган хайрли зотлардир. Шундай экан, ҳар биримиз кўнглимизга мурожаат қилиб дейликки:
-Эй кўнгил! Назар сол, дунёдан неча-неча аждодлар яшаб ўтишди. Ҳозир улар қанилар? Сен уларнинг номларини бизнинг замонларгача етказиб келган ишларни қилишга интил. Ўшаларга амал қил. Шунда ташвишларинг арийди. Ўтмиш донолари ўлимлари арафасида нималардан афсус-надоматлар чекишган бўлса, ўша ишлардан тийил!
Ер юзида бирор уммат, гуруҳ, жамоат йўқки, Аллоҳ у ерга бир хабарчи, бир огоҳлантирувчи юбормаган бўлсин. (Масалан: Нуҳ алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом...) Чунки инсон фарзандининг насиҳатга, танбеҳга ҳамиша эҳтиёжи бордир. Расули акрамнинг (с.а.в.) иршод фаолиятларини авлиёуллоҳлар, муршиди комиллар, уламои аъзам ва машойихи киромлар давом эттириб келдилар. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: «Олимлар - пайғамбарларнинг ворисларидир».
Суҳбатимиз давомида Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом, хулқларидан баҳраманд бўлиш ҳақида яна кўп фикрлашамиз, инша Аллоҳ. Энди ҳар биримизнинг бошқаларга ва бошқаларнинг ҳар биримизга бўлаётган ва бўладиган таъсиримиз ҳақида ҳам гаплашсак. Аввало, бир ривоят:
Абдураҳим исмли бир йигитнинг гўзал отига Маҳмуд исмли йигит ишқибоз эди, «сотгин», деб кўп ялинарди, аммо Абдураҳим унинг илтимосларини рад этарди. Охири Маҳмуд отга макр-хийла билан эга чиқишни ихтиёр қилди. Кекса ва хаста одам қиёфасига кириб Абдураҳимнинг йўлини пойлади. Сўнг гўзал отга миниб ўтаётган йигит қаршисига чиқиб ялинди:
-Эй марҳаматли ўғлим, мен манзилимга етолмай қолдим, қарагин, эҳтимол яна озгина юрсам жон таслим қиларман, менга раҳм қилиб, отингга мингаштириб ол. Ҳаққингга дуолар қилай.
Абдураҳим унинг макрини англамай, отига миндирди. Маҳмуд эса отни чоптириб қочди. Сал нари боргач, тўхтаб, манманлик билан деди:
-Эй нодон, сен мени танимадинг, мен - Маҳмудман! Отингни сот, деб қанча ялиндим, сотмадинг. Ана энди отингдан умидингни уз!
Абдураҳим унинг гапини эшитиб, дебди:
-Майли, отни сенга бердим, лекин бу қилган ишингни бировга айта кўрма. Чунки бу алдамчилигинг, хийла-найрангинг халқ орасида тарқалса, кўп кишилар сенинг ярамас йўлингга кириб кетишлари мумкин. У вақтда биров-бировнинг ҳолига раҳм этмайди. Халқимиз орасида шафқат, марҳамат, мурувват каби гўзал хислатлар йўқолади. Алдамчилик, муғомбирлик ва инсофсизлик каби ярамас иллатлар авж олади. Ўтинаман, қилган ишингни ҳеч кимга айтма, мен ҳам яширин тутаман.
Бу хитоб Маҳмудга таъсир қилиб, изига қайтибди, узр айтибди. Абдураҳим эса отни унга сотишга рози бўлиб, ораларида дўстлик қарор топибди.
Қиссадан ҳисса: ҳар биримиз қандай ишни қилмайлик, кимгадир ўрнак бўлишимиз эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак. Ўтмиш жамиятда, динга қарши хуруж бошлаганида энг биринчи зиёлиларни ишга солишган эди. Зиёлилар диндан чиқиб, ёмонлик намунаси билан оммага ўрнак бўлишганди. Шу боис айниқса жамиятдаги таниқли одамлар ҳар бир гапларини ўйлаб гапиришлари, ҳар бир қадамларини ўйлаб босишлари тақозо этилади. Агар кимса залолат сари қадам ташладими, билсинким, фақат ўзи гуноҳлар олами сари кетмаяпти, қайси бир оми ҳам унга эргашяптиким, унинг гуноҳи ҳам зиммасидадир.
Ахлоқ тарбияси - ўзимизни ярамас майл-ҳаваслардан сақлаш, таъбимиздаги олий фикрларни тараққий эттириб, ҳаракатимизни тўғри бир нуқтага йўналтириш демакдир. Ахлоқ тарбиясининг ғояси - инсонларнинг комил ва гўзал бўлишларини таъмин этишдир. Хулоса қилиб айтсак: Тарбия - инсон табиатининг бутун қобилиятларини мунтазам, мутаносиб ва келишган бир сувратда орттиради, инсонни хайрли мақсадига етказади. Тарбия - ҳақиқий ҳаёт мактабида талабаларга илм беришдир. Тарбия - инсонларни фазилатли, жамиятга фойдали қилиб етиштириш учун энг қисқа йўлдир. Тарбиянинг мақсади - инсонларнинг авлоддан авлодга тараққий эттириб, инсониятнинг умумий юксалишига хизмат қилдиришдир.
Мазкур бобга шу тарзда якун ясайликда сўнг дуо қилайлик:
-Аллоҳ бизларни мусулмон ҳолда, мусулмон бир ўлкада, мусулмон ота-онадан улуғ бир неъмат ичида дунёга келтирган. Бу неъматнинг қадрини, қийматини билишни, мукаммал, комил мусулмон бўлишни, мусулмонларга, инсониятга, энг гўзал хизматлар қилишни барчаларимизга насиб этсин. Башариятга энг фойдали инсонлардан бўлишни ҳам насиб айласин. Раббимиз ҳузурига вазифасини бажарган, Унинг севгисига, лутфига, жаннатига, жамолига мушарраф бўлган бир қул ўлароқ бормоқликни насиб айласин. Тарбия бергувчи - тарбиячилардан ҳам, тарбияни қабул этиб, унга амал қилгувчилардан ҳам Аллоҳ рози бўлсин! Омин, йа Раб ал-оламийн!

 
СЕВГАН СУЙГАНИГА ЭТАР ИТОАТ

Бу боб ишқ-муҳаббат таърифи, унинг хиллари, қалбдаги жилоси баёнидан иборатдир.

Ишқ-муҳаббат хусусинда кўп ва хўб ёзилган. Донолардан бири: «Муҳаббат ўзи эски нарса, аммо ҳар бир қалб уни қайтадан кашф этади», деган экан. Кишининг мижози ҳар хил бўлганидек, унинг ишқ-муҳаббатга доир ҳис ва туйғулари ҳам турличадир. Шунингдек, тоқатларининг даражаларида ҳам тенглик йўқ. Демоқчимизким, киши ишқ ва муҳаббатни бир хилда англамайди ва қалби бир хилда ёна қолмайди. Бир куни Искандар Зулқарнайнга хабар берибдиларким:
-Фалончи қизингизни севиб қолибди!
-Севиб қолган бўлса нима қилишим керак?-деб сўрабди подшоҳ.
-Уни ўлдириш керак, фармон беринг, - дейишибди.
-Биров севгани учун, бошқа биров эса ёмон кўргани учун ўлдирилаверилса дунёда одамзотдан ном-нишон қолмайди-ку?-деган экан подшоҳ.
Ажабким, бизлар ишқ-муҳаббат дейилганда кўпроқ йигит ва қиз орасидаги туйғуни тушунамиз. Шуаронинг, айниқса бугунги шоирларнинг сатрларидаги ишқ ва муҳаббат шундан ўзга нарса эмас. Ҳолбуки, ишқ ва муҳаббатнинг қамрови анча кенгдир. Авваллари «ишқ» дейилганда кўпроқ банданинг Яратганга муҳаббати тушунилган ва қадим адабиётда бу ўз аксини гўзал ҳолларда топган. Яна ота-онага муҳаббат, одамларнинг ўзаро муҳаббатлари (буни «ҳурмат» ҳам деб атаймиз), она заминга, она Ватанга муҳаббат, касб-корига муҳаббат, фарзандларга муҳаббат...
Ҳазрат Алишер Навоий ишқнинг баёнини бундай тасвирлайдилар:
«Ишқ - порлоқ юлдуздир, башарият кўзининг нуру зиёси шундан. Ишқ - товланиб турувчи гавҳардир - инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан. Ишқ - толеъ қуёшидир, қайғули диллар тиканзори ундан гулшан. Ишқ - балқиб турган тўлин ойдир, қоронғи кўнгиллар кечаси ундан равшан. Ишқ - кенг денгиздир, ҳар тўлқини юз ақлу хуш кемасини ғарқ қилади. У баланд тоғдир, ҳар чўққисининг ўткир қирраси минг зуҳд-тақво эгасининг бошини учиради. Ишқ- куйдирувчи шуъладир, кўпгина жон ва кўнгилларни хашакдек ёқади. Ишқ- алангали чақмоқдир, кўпгина жону дилларни ёлқини билан кул қилади. Ишқ - аждаҳодир, оламни дамига тортмоқ унинг тилаги. Ишқ - қаҳрли подшоҳдир, олам аҳлини ёппасига қирмоқ унинг мақсади, у ҳар қанча қон тўккани билан зерикмайди, у ҳар қанча одамни қон қилса ҳам қониқмайди. Ишқ - яшиндир, ақлу дин хирмонини куйдиради, у бўрондир, куйганларнинг кулини кўкка совуради. Ишқ - шунчалар қайсарки, унинг олдида подшоҳ ҳам гадо ҳам тенг, у шундай зулмкорки, унинг қошида ифлос-фосиқ ҳам, покдил ошиқ ҳам бир... Дунё бозорининг ғавғоси ва дунёда бор ҳамма нарсаларнинг савдохонасидаги шовқин-сурони - ишқ туфайлидир...»
Аҳли шуаро: «Агар сўзнинг назм лаззатидан ҳарорати бўлмаса ва шеърнинг ишқ ҳароратидан куйиши бўлмаса, уларни нурсиз шамъ ва бошлиқсиз тўда деб билинг», деган фикрни баён қиладилар. Шу ўринда қисқа бўлса-да, ўтмиш назм гулшани хусусинда суҳбатлашсак. Гап шундаки, айрим биродарларимиз ўтмиш назмида учрагувчи ишқ баёнининг барчаси Аллоҳга ишқни англатади, дейдилар. Бу унчалик тўғри тушунча эмас. Кўп ҳолларда шуаро ошиқ ва маъшуқ ҳижронларини баёнини берганда йигит ва қизни назарда тутадилар. Масалан:
Қани Ширин билан Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам...
...Кўзум равшанлиғида бўлғай, эй Бобур, басе камлиқ,
Агар қоши била юзин ҳилолу кунга ўхшатсам.
Мазкур сатрлар алоҳида шарҳга муҳтож эмасдур. Энди Ҳазрати Навоий байтларига диққат қилайлик:
Зоҳид, сенга ҳуру менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсун, менга майхона керак.
Бу байт советлар даврида шоирни худосизлар сафида кўрсатиш учун хизмат қилдирилди. Совет даврининг нодон олимлари бу байтни: «Эй бу дунёдан кечган телба одам, сенга жаннат ва ундаги ҳур қизлар керак бўлса, ола қол. Менга майхона (яъни ресторан) ва ундаги нозли қизлар керак», деб тушунтирдилар. Ўрисларда «Ҳар бир одам ўзининг бузуқлик даражасида ақлдан озади», деган мақол бор. Эҳтимол ул ақли ноқислар байтни чиндан ҳам шу ҳолда фаҳм этгандирлар. Эҳтимол атайин бузиб талқин қилгандилар - буниси бизга қоронғу.
Мазкурда шоирлар султони демоқчиларким: «Эй зоҳид, сенинг бу дунёдан, хусусан аҳли аёлингдан кечишингга сабаб жаннатдаги ҳурлар экан, майли ўша ҳур қизлар сенга бўлақолсин. Менинг эса жаннатга киришдан умидим у қизлар эмас, балки Аллоҳим чеҳрасини кўриш. Сен жаннат орзусида хаёл қилиб юравер, менга маърифат ҳосил бўладиган давра, яъни олимлар давраси керак.» (Кечаю кундуз кўп нафл ибодатларни бажарадиганларни «обид» дерлар. Тарки дунё қилиб ибодатга берилган тақводорни «зоҳид» дерлар.)
Тўғри, жаннатда яшамоқлик лаззати бор. Аммо чин ошиқлар учун энг улуғ бахт - Яратганни кўриш. Чунки Аллоҳнинг солиҳ бандаларига жаннатда кўриниш ваъдаси бор. Жаннат йўлига Аллоҳни таниган ҳолда кириш - шоирнинг мақсади. Аллоҳни таниш эса илм орқали бўлади. Ҳазрати шайх Самадоний Боязид Бистомий (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) дебдиларким: «Орифнинг камтар даражаси улдурким, муҳаббат ўтида ёниб тугангай. Бир карра маърифат ҳаловати кишининг кўнглида Фирдавсдаги минг кўшкдан афзалдир.» Бу фикрда шайх ҳазратлари маърифатни жаннатдаги энг олий боғдан устун қўйиб, Фирдавсни инкор этаётганлари йўқ. Аслида бу олий неъматга фақат маърифат эгалари етишадилар. Демак, фикрда бу неъматга эришиш йўли кўрсатиляптиким, Навоий ҳазратлари «майхона» афзаллигини баён қилганларида шу муддаони кўзда тутганлар. Халқ орасида, айниқса майхўрликни хушловчилар орасида қадим адабиётимиздаги «май», «майхўрлик» сўзларини айнан тушуниб, ўзлари учун фатво ўрнида қабул қилувчилар ҳам бор. Айниқса Умар Ҳайёмни майпарастларнинг пири ўрнида кўрувчилар мавжуд. Аввало Умар Ҳайёмники деб келинган баъзи рубоийлар у зотнинг ижодлари маҳсули эмас экан, мутахассислар у кишидан анча кейин ёзилган рубоийларни аниқлаганлар. Иккинчидан, ул зотнинг асарларида рамз мавжуд. Кўпчилик «Май ич, оқилу доно билан ич», сатрини мисол қилиб келтиради. Оддий мантиқ тарозуси билан ўлчасак, «оқилу доно» одам ароқ ичмаса керак, агар ичса, айниқса нодон билан ичса у оқил ва доно бўлармикин? Атоқли олимларимиздан Алийбек Рустамий дейдиларким: «Камина бирламчи манбаларни мутоаола қилгунга қадар Умар Ҳайёмни майпарастларнинг пири деб ўйлаганман. Абдураҳмон Жомийнинг «Эй бодапарастан дар-и майхона кужаст?» яъни «Эй майпарастлар, майхонанинг эшиги қаерда?» Навоийнинг «Кофирмен агар қилмасам ошом қадаҳ» каби сатрларни ўқиганимда булар ичкиликдан парҳез қилмаган экан, деган фикрда бўлганман. Ваҳоланки, у азизлар жамиятни амалпарастлик, нафспарастлик, хурофот, уруғчилик ва диний таассуб натижасида келиб чиқадиган иллатлардан даволашга ҳаракат қилган ҳақпарастлар экан. Жамиятни соғломлаштириш фикрида бўлган улуғ боболаримиз ичкилик, гиёҳиандликнинг ҳамма турларига қарши бўлганлар.»
Етук санъаткорлар, хусусан, қадим шуаронинг асарлари ўқилганда унинг икки жиҳатини -маъно ва сувратини, яъни мазмун ва шаклини ҳисобга олиш ва маънонинг бирламчилигини ёдда тутиш керак. Алишер Навоий ҳазратлари «маъно аҳли маънога, суврат аҳли сувратга боқар», дейдилар. Бинобарин, асарни тўғри тушуниш учун унинг маъносига етиб бориш керак. «Май» сўзи ва унинг маънодошлари асарнинг сувратида келганда ичкиликни билдиради. Лекин маъносида келганда ҳақиқат маърифати, унга бўлган ишқу муҳаббат ва уни идрок қилгандаги лаззатни билдиради. Бу ҳолда «май» сўзи истиора тарзида (бадиий ўхшатма, бир сўзнинг маъносини омонатга олиб, бошқа маънода ишлатиш) қўлланади. Яъни, «май» сўзи мазмунан «ҳақиқат майи», «ишқ майи» ва «васл майи» деган ибораларга тенг бўлади. Бир нарсани иккинчи нарсага ўхшатиш учун асос керак. «Ишқ, меҳру муҳаббат билан май орасида қандай ўхшашлик бор?» деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Абдураҳмон Жомий «Лавомиъ» деган асарларида жавоб бериб бу ўхшашликлардан ўнтасини баён қилганлар:
*май ўзининг аслий ўрни бўлмиш хум ичида ўзганинг таъсирисиз ўзидан-ўзи қайнаб ўзини кўрсатишга ҳаракат қилганидек, ошиқлар кўнглидаги яширин ишқ ҳам ташқи бир сабабсиз ғалаён қилиб, зуҳур этишга интилади.
*май ўз зоти ҳаддида муайян бир шаклга эга эмас, қайси идишга қуйилса, шу идишнинг ички шаклини олади. Худди шунингдек, ишқ аслан мутлақ бўлиб, унинг зуҳури муҳаббат аҳлининг қобилияти ва истеъдодига яраша содир бўлади. Ошиқлар орасидаги тафовут ишқнинг зотий хусусиятига эмас, уларнинг кўнгул идишига боғлиқдир.
*майнинг ҳам ишқнинг ҳам сирояти (таъсири) ялпи жараёндан иборатдир. Май кишининг ҳамма аъзоларига таъсир қилганидек, ишқ ҳам ошиқнинг қону жонига кириб, унинг бутун вужудини эгаллаб олади.
*май ўзининг ичкучисини, ишқ севгучини марду сахий қилиб қўяди. Аммо май масти пулни аямаса, ишқ масти жону жаҳонини, бору йўғини бахшида қилади.
*май ҳам ишқ ҳам кишини ботир, қўрқмас қилиб қўяди. Лекин май ботирлиги оқибатни кўрувчи ақлнинг мағлуб бўлишидан бўлса, ишқ шижоати ҳақиқат нурининг ғолиблигидандир. Биринчиси шахсни фалокату ҳалокатга олиб боради, иккинчиси абадий ҳаёту саодатга бошқаради.
*май ҳам ишқ ҳам киши бошидан кибру ҳавони учиради ва ниёзу тавозуга туширади. Бироқ, ичкиликнинг оқибати хорлигу разолатдир, пок ишқ натижаси иззату шарофатдир.
*май ҳам ишқ ҳам сирни фош қилади. Асрлар давомида аён бўлган ҳақиқату маърифат сирларини ишқ юзага чиқарган.
*май ҳам ишқ ҳам кишини беҳуш қилади. Аммо май беҳушлиги нодонлик ва ғафлатнинг энг тубан даражасидир, ишқ беҳушлиги эса сезгирлик ва огоҳликнинг энг олий мартабасидир.
*майпараст майни ичган сари яна кўпроқ ичкиси келади, ишқпараст ҳам ишқ дардига мубтало бўлган сари яна ортиқроқ берила боради. Лекин ичкучи борган сари одамийлик қиёфасини йўқотаверади, севгучининг эса инсоний фазилатлари орта боради.
*май ҳам ишқ ҳам номус ҳаё пардасини кўтаради. Бироқ, ичган ўзидан бошқани ҳақорат қилиб, халққа озор беришдан уялмайди, севган эса ўзгалар учун ўзини хору зор этмоқликдан ор қилмайди.
Демак, қадим шуаронинг майпарастлиги инсонпарварликдан, ноҳақликдан мубарро ҳақпарастликдан, илму фан севгисию маърифат ишқидан иборат экан. Май ва ишқнинг юқорида зикр этилмиш ўхшаш жиҳатлари бўлса-да, аммо оқибат жиҳатидан улар бир-бирларига тамоман зиддир. Мутлақ лаззат ҳақиқат муҳаббатида ва уни идрок этишдадир! Май ҳақидаги сўзни ҳазрат Сўфий Оллоҳёр байтлари билан якунласак:
Кел, э соқий, муҳаббат жомидин май,
Харидор илгина бергил, пайопай.
Маъноси шулки: кел эй соқий, муҳаббат шаробини бизларга ичиргил. Уни бу харидор қўлига устма-уст қуйиб бергил. Бу ерда «соқий»дан мурод - Аллоҳнинг Ўзидир. «Харидор» - солик.
Лайли ва Мажнуннинг ишқи ҳақидаги афсона кўпчиликка маълум. Ҳазрат Навоий бу ҳақда достон ҳам битганлар. Кейинроқ «Маҳбуб ул-қулуб»да бир ҳикоятнинг баёнини берадилар:
«Нақл қилишларича, ишқнинг ҳажр ўти Мажнун жонига улашди, заиф баданига ҳароратли у ўтнинг алангаси туташди. Ҳар қанча муолажа қилсалар ҳам фойда қилмади - касали ортди, иситма тушмади. Бемор оғирлашиб, жон талвасасига тушганда, кимдир бу аҳволдан Лайлини хабардор қилди. Паривашни бу хабар ношод этиб, ўз девонасининг ҳолини сўраш учун нома ёзди. Бир одам хатни Мажнунга етказганида, унинг танида жон асари қолмаган эди. Шу пайтда меҳрибонлари Лайли номасини ўқиганларида беморнинг эшитаётгани ва таъсирланганини сездилар. Ҳар гал нома такрор ўқилганда, бемор танига жон қайта киргандек бўлар эди. Бемор касалдан тузалиб, сиҳат-саломат бошини кўтаргунча бу хатни такрор ва такрор ўқиди, соғайгач эса тумор қилиб бўйнига тақиб олди. Ишқ алангасидан Мажнуннинг касали тузалди ва у сўз такроридан бадани қувватга кирди. Байт:
Ошиққа гарчи заъфу маразлиқдурур мизож,
Маъшуқ зикри ул маразиға эрур илож.»
(Мижози заиф ва касал ошиққа ягона даво - маъшуқни ёдлашдир.)
Бу ривоятни зоҳиран талқин этиб, «Мажнун деган йигитнинг Лайли деган қизни севиб қолиши ҳақида», деб тушунмоғимиз ҳам мумкин. Бизнингча, ривоятнинг асл маъноси унинг ботининдадир. Яъни Аллоҳнинг қули Мажнун - ошиқдир. Ошиқ аҳлининг дардини дунёвий дорилар билан даволаб бўлмайди. Беҳуш ошиққа маъшуқдан мактуб келди ва у ўқилди. Мактуб -Аллоҳнинг каломи. Қуръон эса шифодур. Мавлоно Фузулийнинг бу байти эҳтимол сўзларимизни исбот этар:
Ишқ дардила хушам, эл чек иложимдан табиб,
Қилма дармон ким, ҳалоким заҳри дармонимдадир.
Дейилмоқчиким: «Мен бу ишқ дарди билан бахтиёрман, сархушман. (Аллоҳни бутун қалби ила сева олиш бахтини ҳеч бир саодатга қиёслаш мумкин эмас.) Бу ҳолимдан мамнунман. Эй табиб, сен мени даволашдан қўл торт, воз кеч! (Ахир Аллоҳ ошиғини даволашга уриниш -Аллоҳдан узоқлантиришга уриниш ва бу ундан буюк бахтни тортиб олиб қўйиш ҳаракати эмасми?) Сен мени даволама, ташла бу дорингни, бу дори-дармонда ажалим заҳри бор. Мен даволансам, нобуд бўламан. (Менинг Аллоҳдан узоқлашганим - ўлим билан баробардир.) Қўй, шу ошиқлигимча қолай, шу хасталигимча ўлай! (Ўладиган бўлсам ҳам шу ошиқлик ҳолимда дунёни тарк этайким, мен учун маъшуқнинг юзини кўриш бахти ҳам бордир.)» Ишқни «дард» сўзи билан ҳам ифодалайдилар. Яъниким, «ишқ дарди». Ҳақиқий ишқ аҳли бу дунёда ишқ дардига шифо изламас, шунинг учунким, бу ҳалокатдир. Ишқ дардига бу дунёда шифо талаб этмоқ - нафси хитобига қулоқ тутмоқдир. Демак, қалб Аллоҳ жамолига муштоқ эмас экан, ўз фароғатига интиқ экан.
Демак, ошиқ ва маъшуқни икки кўринишда англаяпмиз: қиз ва йигит ўртасидаги севги, Аллоҳ ва банда орасидаги ишқ. Бу икки тушунча бир-бирини инкор этмайдими? Иккала ишқ бир қалбдан ўрин олиши мумкинми? Йигит ва қиз орасидаги ишқ ихтиёрсиз равишда туғилади, яшайди, маълум муддатдан сўнг ҳалок бўлиши ҳам мумкин. Бу ишқ йўлидаги азиятлар қўшилиш онида тугайди. Илоҳий ишқ эса ўзгачадир ва бу ҳақда кейинроқ фикр юритамиз. Ҳозир икки ишқнинг бир қалбдан қай ҳолда ўрин олиши ҳақидаги ривоятлар билан танишамиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларидан ўқиймиз:
Севги - инсон табиатини завқлантирувчи ҳузурбаш лаззатга майл этишидир. Севгининг олий даражаси «Ишқ» дейилади. Ошиқлар ўз маъшуқаларининг висолига етишмоқ учун ҳеч нималарини, ҳаттоки жонларини ҳам аямагайлар. Ҳазрат Юсуфни севиб, тилларда достон бўлган Зулайҳо бунинг ёрқин мисолидир. Чиндан ҳам Зулайҳо ишқ йўлида мол-мулкини, ҳатто гўзаллигини ҳам йўқотади. У
етмиш туяга юк бўладиган инжу жавоҳирга соҳиба эди. Бебаҳо зебигардонларини Ҳазрат Юсуфга бўлган ишқи йўлида сарф этади. Кимда-ким «Мен бугун Юсуфни кўрдим», деса унга қимматли маржонларидан бирини берарди. Шу тариқа, совға эта-эта ҳеч бир нарсаси қолмайди. Ҳар нарсани «Юсуф!» деб чақирарди. Унга бўлган чексиз ишқи туфайли «Юсуф» калимасидан бошқа ҳамма сўзларни унутганди. Бош кўтариб кўкка қараса, юлдузлар маржондай тизилиб, «Юсуф» исмини ёзгандай бўлиб кўринардилар.
Яна ривоят қиладиларки, Зулайҳо иймонга келиб, Ҳазрат Юсуфга текканидан кейин, ўзини ул зотдан четлатишга уринади ва тоат-ибодатга берилиб, узлатга чекина бошлайди. Энди бу ишқи Ишқнинг ҳақиқий соҳиби Аллоҳга қаратилган эди. Аҳвол шундай эдики, Ҳазрат Юсуф уни тунда ётоққа даъват этсалар, у висол онини кундузга сурар, кундуз даъват этса, фурсатни тунга сурар ва шундай дерди:
-Эй Юсуф, мен сизни Аллоҳни танимасдан олдин севгандим. Лекин уни танигандан кейин аслида унга оид бўлган севгидан бошқасига ўрин қолмади. Аллоҳдан бўлган бу севгимга бошқани шерик қилмайман.»
Иккинчи ривоят бундан бир оз фарқ қилади. Қадимдан машҳур бўлган шайх Санъон воқеаси ибрат жиҳатидан жуда муҳимдир. Ўн биринчи - ўн иккинчи асрларда яшаган шайх Санъон (ибн Саққо)нинг оташин севгиси ҳақидаги қисса дунёга машҳурдир. Бадиий адабиётда бу қиссани биринчи бўлиб Фаридиддин Аттор 1221 йилда «Мантиқут-тайр» асарларида назмда берганлар. Биз ҳазрат Алишер Навоий ижод йўлларининг якуни ҳисобланмиш «Лисонут-тайр» достонларининг бугунги тилга мослаштирилган насрий баёнидан фойдаланамиз.
Шайх Санъон даргоҳга етишганлардан бўлиб, кўнгиллари ғайб сирларидан огоҳ эди. Халойиққа тўғри йўл кўрсатувчилардан бири бўлиб, Каъбадаги барча шайхларнинг шайхи эдилар. Бирон бир ғамгин киши ҳаққига дуо қилмоқчи бўлсалар, малоикалар қўл очиб, «омин» дерди. Яқин кишилари ва муридларининг сони тўрт юзтага етар, уларнинг ҳар бири шайхларнинг улуғларидан эди. Агар у зот бир дуо қилсалар борми, ҳатто офат дудидан қорайиб кетган олам ҳам ёришиб кетарди. Тушларида бирор нарса кўрсалар бу воқеа бошдан-оёқ ўнгларида ҳам юз берарди. Шундай бўлдики, бир неча тун давомида бир тушни кетма-кет кўравердилар. Оқибат бу туш сабру қарор ипини узди. Ҳар уйғонганларида ўзларининг бу ҳолларига тавба қилардилар. Ул зотни безовта қилган туш бундай эди: эмишки, Рум мамлакатида сайр қилиб юрармишлар. Энг даҳшатлиси шуки, бир бутхона ичида маст ҳолда турармишлар, мастликдан ўша ибодатхона аҳли каби бутпарастликка юз тутган эмишлар. Сирлар хазинаси бўлмиш Шайх бу ҳолдан ғоят ташвишга тушиб, ўзларига дедиларки:
-Бу балодан сақланиб бўлмайдиганга ўхшайди. Ўша мамлакатни ҳам кўриш керак. Тақдир қаёққа етакласа, ўша томон бориш лозим. Бошимизга нимаики келса, «ё насиб» деб қисматдан кўрамиз.
Шу тарзда ўша юртга боришдан ўзга чора топмадилар. Кета туриб, Каъбага юзларини қўйдилар ва юз ҳаяжон билан видолашмоқ учун уни тавоф қилдилар. Минг ҳасрат билан ҳарам тавофини қилиб бўлгач, Рум иқлими сари йўл олдилар. Тариқат пирига тўрт юз йўл аҳли ҳамроҳ бўлдилар. Йўлда борарканлар ҳалок қилгулик ҳар хил савдолар Шайхнинг кўнгилларига ғулғулалар соларди. Ҳар дам ўзга бир ҳолатга тушар, бу оғир аҳволдан қутулиш чорасини топа олмас эдилар. Ул зотнинг бу ҳолларига дўстлари ҳайрон қолишар, уларнингда ақлу ҳушлари бошларидан учарди. Пирларининг бу ғариб аҳволидан воқиф бўла олмай, «Сизга нима бўлди?» деган саволларига жавоб топа олишмагач, Шайхдан ҳам кўпроқ изтироб чекардилар.
Кўзланган манзилга етишгач, бир бутхонага дуч келдилар. Кўп сирларни ўзига яширган бутхонанинг тоқи осмон гумбазига етар, унинг тошлари ғам ва машаққат тоғидан келтирилган бўлиб, ғиштлари дарду бало тупроғидан ясалган эди. Бино болахонасининг айвончасидан қараб турган фитналар кишиларни ғоят чорасиз ҳолга солардилар-ки, улардан қутулишнинг сира иложи йўқ эди. Бинонинг турли балолар маскан тутган ҳар дарчаси ишқ нуридан ёришиб турар, кунгуралари эса иймонга рахна соларди. Ҳар кунгурага терилган тошлар ишқ тиғидан кесилган бошларга ўхшарди. Бу тошлар дин аҳли бошини учириб юбориш, олам узра тошбўрон қилиш учун мўлжаллангандек эди. Фитна тўдаси юриб ўтадиган дарвозасининг ҳалқа ва занжирлари юз минг найрангдан иборат бўлиб, улар кишиларни савдо ҳалқасига ўраб девона қилар, телбалик занжирига ўраб ташлар эди. Бу бинонинг ичида ишқ ўти ёқилган юзта оташкада бор бўлиб, уларнинг ҳар бирида юз туман савдойилик мавжуд эди. Улардан чиқаётган қора тутунлар бутхона устини худди куфр ва исён зулмати каби қоплаб ётарди. Бу кўҳна дунё шунча айлангани билан бу хил фитнагар бутхонани ҳанузгача кўрмаган эди.
Шу бутхонани кўргач, Шайх жисмида ҳарорат кўтарилди, кўнгиллари изтиробдан бетоқат бўла бошлади. Ҳар дам у зотга хасталик юзланиб, кўзлари ўнгида қандайдир ўзга бир олам намоён бўла бошлади. Ҳар томон ошуфтавор қараб юрганларида кўзлари беихтиёр бир тарафга тушди: қаршиларида юзига парда тортган гўзал пайдо бўлди. Бу парда гўё унинг қуёшдек юзини беркитиб турган уфқдаги камалакка ўхшарди. Шу пайт шамол келиб, унинг юзидаги пардани кўтариб юборди ва бу қуёш нури ҳар томонга ёйилиб кетди. Уни қуёш деб атамоқлик ҳам камлик
қилур, чунки юз қуёш ҳам унга девона бўлиб, унинг ҳусни шами атрофида парвонадек эди... Жисми гулгун бўлиб, кийган кўйлаги гўё гул узра гул эди. Дин аҳлига қирғин келтирувчи кофирдек қотил кўзидан барча баҳра олишни истарди. Кимки унинг сочи зуннорини хаёл қилса, бу соч унинг дину иймонини поймол этарди. Ҳуснининг шуъласи давронга ўт солса, оташин лаълидан жонга ўт тушарди.
Хуллас, ана шу тарсо (христиан) қизи бир гўзал шаклда турарди. Бундан Шайх кўнгилларида чақмоқ чақилгандек бўлиб, жонлари шуъла денгизида ғарқ бўлди. Қаттиқ ҳаяжонда «ла ҳавла...» дуосини қайта-қайта такрорлаб, «тавба!» деб ёқа ушладилар. Аммо у қиз ўз рухсорининг шуъласи билан Шайхнинг тавбаю дуосини куйдириб юборди. Шайх ўздан кетиб, тупроққа йиқилаёздилар. Бу дамда қўлларидаги хассалари худди уй устуни каби гавдаларини суяб қолди. Шундан сўнг ҳайратга чўмдилар, ҳаяжоннинг зўридан хассалари ва жисмларига шикаст етиб, ҳолдан кетдилару ерга қуладилар...
Охир-оқибат ул зотнинг тоза жонларига ишқ тушди: қон каби кириб, бутун вужудларини қоплаб олди. Гоҳ беҳол бўлардилар, гоҳ ўзларига келардилар, йўлдошлари эса бу аҳволдан лол қолишарди.
Бу ўринда мозийдан бугунга бир нафасга қайтсак: диққат қилайликки, Шайхни беҳол қилган нарса - унинг қалбидаги Аллоҳга бўлган Ишқ ўрнини тарсо қизига бўлган маҳлиёлик эгаллай бошлади. Бу ҳам Аллоҳнинг иродаси. Шайхни имтиҳон қилиш баробарида бизларга ҳам бир ўрнакдир. Шайхларнинг улуғи мартабасига етган тақво эгасики вақти келганда шайтон васвасасини - нафсини енга олмадими, бизлар ҳар қадамимизни ўйлаб босишимиз шарт экан. Аллоҳнинг муҳаббатига етишиш осон эмаслигини бир нафас ҳам унутмаслигимиз лозим экан. «Мен намоз ўқияпман, рўза тутяпманми, демак, Аллоҳнинг меҳрини қозондим, шу ҳолимча ўламан ва тўғри жаннатга бораман», деган хаёлда хотиржам юриш эса ножоиз экан. Аллоҳнинг имтиҳони, шайтон билан олишувимиз то жонимиз чиққунига қадар давом этажагини унутмасак янада яхши. Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавийнинг: «Шайтон ғолиб, жон чиқарда шошдим мано...» дейишлари бежиз эмас...
Яна ривоятга қайтсак:
Тун мамлакати кунни қорайтиб, атрофни ўша бутхонадаги куфр зулмати каби қоронғулик қоплади. Шайхнинг бошларига шу тун каби қора қисмат тушган, ул зотнинг тобеъ кишилари ҳам қора мусибат булути билан ўралган эдилар. Уларнинг ҳаммалари ўша муғ дайри (мажусийлар ибодатхонаси) тупроғида, тупроқ эмас, балки балолар тоғида қолдилар. Шайхнинг бошларига тушган қора тунни ҳали ҳеч бир одамзот кўрган эмасди... Тун осмонда бахтсизлик пардаларини ёйди... Осмон кўзларидан юлдузлар сочиб, Шайх аҳволига мотамдан нишон билдирарди... Ишқ Шайхнинг жисм ила жонларига ўт ёққан, куфр дину иймонларига ўт солган эди. Ғариб ҳолларига йиғлаб дедиларким:
-Ҳар дам қайғу-мусибатим ортиб бормоқда. Эй фалак! Менга нелар қилмоқдасан? Тинчлигимни бузиб, ишқ сари бошладинг, ёнар юз ўт ичра мени ташладинг. Кўнглимга аввал равшан қуёшни кўргузиб, кейин уни яширганча, ғам шомига тутқун этдинг! Ғам шомигина эмас, балки осмон бўшлиғидаги яратилиш чеҳрасини қаро қилдинг! Ғам дўзахининг дуди оламни тутиб кетди... Жисмим, аъзойи баданим, сезгиларим ва ақлу ҳушим ишқдан шундай парда ёпиндиларки, гўё уларнинг ҳеч бири мавжуд эмасдек, ишқ зулмидан ҳаммаси нобуд бўлгандек туюлмоқда...
...бошимни чексиз ғамдан қутқармоқ учун тошга уриб тилка-пора қилмоқликка қувват қани?!
...ўзимни қўлга олишга, ақлдан озишимга тўсқинлик қиладиган ҳуш қани?!
...ишқ тадбирларини айтиб берадиган, вайрон бўлган кўнгулни тинглайдиган ақл қани?!
...дардимга чора қиладиган ёки бағрим порасига даво берадиган сабр қани?!
...ҳолим ғамини еювчи кўнгил қани?! Ахир у ҳам ҳозир ўлик сонида-ку!..
...бир нафас ургучалик тағин жон қани?! Кўнгил каби уни ҳам излаб топа олмайман!..
-Менга бу йўл не балолик йўл эди?! Ахир бундан баттарроғи бўлиши мумкин эмас-ку! Умрни бу янглиғ хору зор кўргунча ҳаргиз тирик бўлмаганим яхшироқ эмасмиди?! Бир хатар чақмоғи тушиб, вужудимдан асар қолдирмаса нима қиларди?!
-Дўстлар! Менга мадад берсангиз - жам бўлиб мен зорни ўлдирсангиз нимангиз кетарди!.. Тоинки бу олам оримдан, башарият аҳли эса афғону зоримдан қутулсин. Биродарлар, жонимга қатл тиғини уринг! Куйдириб, кулимни ҳар томонга совуринг! Токи жаҳонда бу янглиғ расво бўлмайин! Ҳар дам юз марта ўлгандан кўра бир йўла ўлиб қўя қолганим маъқул!
Шайхнинг бу мусибатли ҳолига дўстлари ҳайрон қолишар, унинг дардидан ҳар дам қон йиғлашар эди. Бу ғамгин ва чорасиз кишиларнинг ҳар бири Шайхга турли маслаҳатлар беришар, аммо Шайх бу пандларни фаҳмламас, нозик сўзлар маъносини ҳам англай олмас эдилар. Улар Шайхга ақл мезони билан хитоб этган бўлсалар, Шайх уларга ишқ йўсинида жавоб қайтарар эдилар:
...бирлари дедилар: -Эй сир аҳлининг пешвоси! Бу балони дафъ этиш учун намоз ўқимоқ шартдир.
Шайх дедилар: -Бу маънида сўз айтма! Мен телбаман, телбага эса ақл ўргатмайдилар.
...бирлари дедилар: -Ўрнингиздан туринг-да, таҳорат ила покланинг ва кишиларни тоат-ибодат этмоққа ишорат қилинг.
Шайх дедилар: -Кўз ёшимдан ўзга сувим йўқ, бағримдан ҳар дам кўзларимга қон ёшлари келадир.
...бирлари дедилар: - Афзали ғусл қилмоқликдир, у кўнгилни пок этишдан ташқари ғамдан ҳам қутқаражак.
Шайх дедилар: - Мен йўқлик денгизида ғарқ бўлдим. Мендан яна нима истайсан?
...бирлари дедилар: - Тасбеҳга машғул бўлинг-да, бу паришон ҳолатдан ўзингизни қутқаринг.
Шайх дедилар: - Тасбеҳимнинг тори узилди, унинг ўрнига зуннор ипини боғладим...
...яна дедилар: -Сафаримиз тамом бўлди, Ватан сари йўлга тушсак дурустроқ бўларди.
жавоб қилдилар: - Эҳсонли Аллоҳ ўзи мурувват кўрсатиб, бу бутхонани менга ҳақиқий ватан этибдир.
...яна дедилар: -Сизнинг аввалги важҳу ҳолатингиз - эътиқодингиз қани? Зуҳд ва ибодатда ўтказган покиза вақтларингиз қани?!
жавоб қилдилар: - Ҳолатим - бутхонада турмоқдан иборат, борди-ю вақту соатим юзта бўлса ҳам ҳаммаси шундайлигича кечарди.
Қавм ўша кечаси юз бор куйина-куйина Шайх аҳволидан изтироб чекди. Улар Шайхга таъналар қилишар, аммо Шайх буларга парво қилмасдилар. Улар Шайхга ўгитлар беришар, аммо ул зот буларни фаҳмламас эдилар.
Эрталабгача бутхонадаги кишилар ғавғо қилиб, дин аҳлининг бу ҳолини томоша қилдилар. Улар дин аҳли расм-русмларини масхара қилиш билан ўз динлари тариқатидан лоф уриб, мақтаниб қўйишарди. Шайх ҳамроҳларининг бахтсизликка дучор бўлганлари бир фожиа бўлса, бутхона аҳлининг бу савдодан севиниши фожиа устига фожиа бўлиб тушмоқда эди. Бутхона аҳли улар билан диний қоидалар хусусида баҳс юритишганда Шайх ўз қавмларига эътибор бермай, бутхона аҳли ёнини ола бошладилар. Бундай мудҳиш ҳол мусулмонларга кўп малоллик етказди.
Тонгда бутпарастлар ўзларининг катта қўнғироқларини чалдилар. Бутхона аҳли Шайх ишқи ва аҳволи ҳақида можаро қўзғаб, миллатига қувват бағишловчи бу ҳолдан шод бўлишарди. Мусулмонларнинг эса бундан ҳижолатлари тобора ошиб бораверди. Бечора Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлдилар. Ошиқу зор, ғариб бир ҳолда кўзларини тарсо қизи томон тикканча йўл узра юзтубан бўлиб ётавердилар. Кишилар таҳқирлаб, ва масхаралаб босиб ўтсалар ҳам мутлақо парво қилмас эдилар. Чеккан азобларидан ғойибу ҳозирларнинг ҳам, инграшларидан мўъмину кофирларнинг ҳам раҳми келарди. Оқибат шу бўлди-ки, муридлар номусга чидай олмай пирларини ёлғиз ташлаб, турли томонларга тарқаб кетишга мажбур бўлдилар.
Шайхнинг кундуз кунини шу тариқа қаро қилган ва уни дин йўлидан чиқариб, кофирлар бутхонаси ичида расво айлаган ўша оламга ўт солувчи тарсозода эса парда орқасида ошиқу зорига, гирифторига яширинча боқиб турарди. Гарчи у Шайхнинг динига қасд қилиб, унинг жонини талон-тарож этган бўлса-да, ўзини гўлликка солиб, ҳеч нарса билмагандек тутарди.
Бир ой мобайнида Шайхнинг ғам ичида қолган жисмлари тупроқ билан тенг бўлаёзганида ўша золим кофир - ишвагар хулқли гўзал яна ўша жойида кўринди. Нозли ҳусни билан оламга ўт солганича ўз гирифтори ҳолидан хабар олмоқчи бўлиб бу саволни берди:
-Эй Ислом йўлига етакчи, дин ва Ислом аҳлига тўғри йўл кўрсатувчи пир! Сенга Каъба тавофини қилиш ҳунар эди, нечун бутхона эшигида ватан тутдинг?! Сени дин элининг мададкори дейишарди, кофирлар бутхонасига нечун асир бўлдинг? Агар сафар аҳли бирор ерга тушиб, у ерни манзил этса, бир кеча ўша ерда бўлиб, эртасига бошқа ёққа кетади. Сен Шайх эса бир ойдан бери бу ерда туриб, бутхона тупроғини маскан этдинг. Кофирлар бутхонасида яшашдан ва зулмат аҳлидан тилаган мақсадинг нима экан?
Шайх жаҳонни безата оладиган бу жамолни кўриб, жон олгувчи сўзларини эшитгач яна беҳуш бўлдилар. Бутхона аҳли ул зотни ўлди, деб гумон қилди. Куфр аҳли Шайхнинг бошига келиб, унинг ишқига офаринлар айтишди. Бошларини тупроқдан кўтариб қарасаларки, баданларида ҳали жон бор экан. Шайхнинг ишқидан санам ҳолида ҳам ўзгариш юз бериб, ўз ишқи билан қатл этилган Шайх олдига қадам қўйди. Хастанинг димоғи мақсад исини сезгач, гул юзлига қараш учун аста кўз солди. Висол завқи уни ўз ҳолига келтиргач, золим кофир унга шундай савол қилди:
-Биз Шайхдан ҳол-аҳвол сўраб, унинг қандай кайфиятда эканлигини билмоқ учун савол сўраган эдик. Аммо Шайх завқ зўри билан беҳуш бўлди. Энди у яна ўз ҳолига қайтди, саволимизга жавоб берсин.
Шайх сўзларини «Эй кўнглимга қиёмат солган!» деб бошлаб, арзларини баён қилдилар ва сўнгида дедиларки: «Сени дардимдан хабардор айладим. Агар чора қилсанг - сен учун осон, агар қатл қилсанг ҳам жонимнинг ҳаёти бўлади.»
Шўх унга деди:
-Эй олий сифатлар эгаси бўлган муршид! Сенда на ҳаё бор экан ва на адаб! Ахир сени «Шайх» деб атайдилар-ку, оқ соқолингдан уялсанг бўлмайдими?! Ёшинг тўқсон билан юзга бориб қолибди. Сени қари деса ҳам, ёш деса ҳам бўлади. Ёш бўлсанг - ҳали ақлинг кирмабди, қари киши эса бу хил сўзларни ўзининг хазон фаслида айтиши ярашмайди...
Шўхи саркаш шу маънода Шайхга дашном бергач, шартларни баён этишга ўтди:
-Агар кимки менинг васлимни таманно айласа, у тўрт ишни бажаришга рози бўлиши шарт: у май ичиши, маст бўлиб зуннор (христианларнинг белга боғлаб юрувчи чилвири мазкур динга тобеъ эканликнинг белгиси сифатида зикр этилади) боғлаши, Қуръонни ўтда куйдириши ва бутпарастлар динига кирмоғи керак. Бу тўрт нарса ишқнинг шарти - шукронасидир. Унинг яна иккита журмонаси (жаримаси) бор. Чунки бу фонийлик тўрт йўли бўлса, яна икки йўл ўша тўртнинг ифноси (фанода бутунлай йўқолиш, ўзини маҳв этиш) демакдир. Улардан дастлабкиси -бир йил давомида чўчқабоқарлик қилиш бўлса, иккинчиси - шу давр мобайнида оташгоҳ ўтининг парвонаси бўлишинг, яъни оташгоҳда ўт ёқишинг лозим... Агар менинг васлимга талабгор бўлиб, ёнингда бўлмоғимни истасанг айтганларимнинг барчасини қабул қилмоқинг шарт. Қурбинг етмаса, эрта кунни кеч қилмасдан йўлингдан қолма!
Ҳушдан айрилган Шайх дедиларки:
-Эй хаста жоним офати! Парирухсор ёр неки амр этса, девона ошиқига не ихтиёр! Нимаики талаб қилсанг, буюравер, чунки сен ҳокимсан! Агар бажармасам, жафо тиғини бўйнимга ур!
Бу сўзлар жафокаш қизга ва бутхона аҳлига маъқул тушиб, бутхона ичини жаннат каби безатдилар. Унинг тўрида осмон баробар юксак тахт ўрнатдилар. Тарсо қизи унга шавқ билан чиқиб келди. Шайхни эса иймонлари юзини қаро қилиш мақсадида тўпланганлар ўртасига олиб кирдилар. Атрофда бутхона қўнғироғи ва арғанун (орган - бутхонадаги чолғу асбоби) овози янграр, гўёким бу Шайх дилида ўлаётган динига мотам куйи эди.
Оламда ҳеч қачон бу янглиғ разил иш бўлган эмасди. Кашишлар (христиан динидаги таркидунё қилганлар) ҳар тарафдан саф тортиб ўтиришарди. Огоҳ муршиддан Қуръонни сўрадилар, оташгоҳдан ўт олиб келиб қўйдилар. Зуннор ва салиб (хоч, яъни христианлар бўйинларига осиб юрадиган крест) муҳайё этилгач, тарсо қизи юз афсун билан ўрнидан турди. Тахтдан тушиб Шайх олдига келди. Унинг ёнига ўтириб, қадаҳ тўла майни ичди. Сўнг қадаҳни лиммо-лим тўлдириб Шайхга тутди-да деди:
-Охиригача ич, эй олижаноб киши! Билки, бир томчи қолса ҳам ҳисобга ўтмайди!
Ишққа берилиш оқибатида айни дамда Ислом ва иймондан чекинган Шайх беихтиёр равишда дилнавоз узатган қадаҳни олиб, майни ичар эканлар, кўзларидан ёш думаларди. Шундай ичдиларки, бошларидан дуд чиқиб, май ўтида бутун борлиқлари кул бўлди. Яна бир неча марта май тутганларидан сўнг ул зотнинг ишқлари ақлларига жабр эта бошлади. Бода ҳушларини янада ўтмас қилиб қўйгач, қизга васлдан муддао изҳор этдилар.
Тарсо қизи эса унга: «Шошилма, сен шартлардан биринигина бажардинг»,- деб куфр элининг олий табақасига ишора қилди. Куфр элининг ишлари соҳасида моҳир бўлмиш бу кишилар Шайх иймонларини куфрга тақдим этдилар ва ул зотни ўз динларига киритдилар. Ул зотнинг хирқаларини ечиб олиб, яланғочладилар, сўнг эса май ҳовузига солиб чўмилтирдилар... Кейин ўз кийимларини кийдирдилар. Шайх бут олдида сажда қилдилар, хирқаларини оловда куйдирдилар ва ниҳоят... Каломуллоҳни ҳам ўтга ташладилар. Гардун ул зотнинг бошига солмаган ҳеч бир расволик қолмади. Улар Шайхга кеча-кундуз май ичириб масхаралайвердилар. Ул зот бир сахар афғон қилиб, фарёд уриб қиздан васл талаб қилганларида у шўх шартни охиригача бажаришни, яъни бир йил давомида кундузлари чўчқа боқиб, тунлари оташхонада ўт ёқишни талаб қилди.
Шайх талабни бажара бошладилар. Тунлари куфр ўтини равшанроқ ёқиш билан вақт ўтказиб, тонгда тўнғизларга рўпара бўлардилар.
Энди ул зотни бу расволик ботқоғида вақтинча қолдирайликда, сўзни Каъба тарафдан тинглайлик:
Шайхнинг бир фоний муриди бўлар эди. Шайх карвонни қаерга бошласалар бу солик (шогирд) ҳам ўша манзилда унга ҳамроҳ бўлгувчи эди. Аммо Шайх Рум сари сафарга чиққанларида у шогирд ўзга мамлакатда эди. Вақтики келиб, у Маккага қайтди. Шайхим атрофида паноҳ истай, деб хонақоҳ томон юзланди. Аммо қарасаки, хонақоҳ хароб, пирининг изи ҳам йўқ. Билсаки, тўрт юз тақводор уятдан ҳар томон тарқаб кетганлар. Шогирд сўраб-суриштириб, бўлган машъум воқеалардан хабар топди. У Шайх муридларининг халифаси бўлгани учун турли томонларга хабарчи юбориб, тўрт юз тақводорни атрофига тўплади ва улардан яна сўраб-суриштириб пирининг ишқи, май ичгани, зуннор боғлагани, Каломуллоҳни ўтга ташлагани, энди эса ўт ёқиб, чўчқа боқаётганини эшитди. Эшитди-ю, биродарларига хитоб қилди:
-Эй ор-номусни сақлашда тўнғизлардан ҳам баттар бўлган кишилар! Шайх сизнинг пирингиз эдилар, сизлар ул зотга мурид эдингизлар. Пиримизнинг иршодларидан барчага умид нажоти етарди. Фақр аро муридлик қилиш шарти шундай: агар кимки қутлуғ табиатли бўлиб, муршид бўлса, унинг муридлари ҳам унга ўхшаш бўлишлари керак. Агар у ўзининг яхши-ёмон
кунларида нима иш қилса, сиз унга тақлид этишингиз лозим. Сиз вафосизларга фақр тартиби одатлари ҳайф! Сўфийлар киядиган хирқаю ўрайдиган салла ҳам ҳайф! Тинчлик пайти ёлғон лоф уриб, Шайхга содиқлигингизни исбот этишга тиришгансиз. Бошларига оғир иш тушганда эса ўзингизни ул зотдан нари тортасиз. Шайхингизга бевафолик қилиб, бутхонага ташлаб келибсиз. Худодан қўрқмай, элдан уялмай шайхимизни ёлғиз қолдириб қайтибсиз. Шу сифат билан яна ўзингизни яхши фикрли, тўғри иш тутувчи деб ҳисоблайсиз, бир-бирингизни яна «дарвиш» деб ҳам атайсиз. Зуҳду тасбеҳу ридонгиздан уят сизга! Кавуш, салла ва ҳассангиздан уят сизга! Агар Шайх итбоқарлик қилиб, бир неча ит парвариш этганларида эди, унга чархдан бу янглиғ жафо етган пайтда итларидан вафо кўрган бўлмасмидилар?! Ахир улардан баъзилари йўқолиб кетса, баъзиси қолар, унинг атрофида жилмасдан турар эди-ку! Унинг мухолифлари билан гоҳ уришиб, гоҳ эса унинг мотамида улишар эди! Агар инсондан вафо йироқ бўлса, вафо бобида ундай кишидан ит яхшироқдир. Бордию сизларда мардоналик, ихлос даъвоси ичра оқиллик, донолик бор бўлса эди шайхимиз бошларига бу янглиғ бало тушганда, яъни у биров ишқига мубтало бўлиб, ўзини ҳар жафога дучор этганида сиз вафо билан турмоғингиз шарт эди. Аммо барчангизда унга ҳамдардлик қилишдан ўзни четга тортиш зоҳир бўлиб, фақр ичра юз номардлик кўрсатдингиз. Киши «эрман» деб лоф ургани билан эр бўла оладими?
Жонга озиқ бағишловчи шогирд шу тарздаги сўзларни айта турсин, биз бугунги кунимизга қайтайлик:
Мусулмон биродаримиз бошига бир иш тушса ёинки бузуқ йўлга кириб кетса, биз буни кўра-била туриб ўзимизни қандай тутамиз? Кўпинча индамай кузатамиз. Нари борса «ундай қилма» деган мазмунда озгина панд-насиҳат қиламиз. Айримларимиз эса биродаримизнинг бузуқлик ботқоғига ботаётганини кўриб, «баттар бўлсин!» - деб қувонамиз ҳам. Шогирднинг сўзларини бу ўринда биз атайин бўлдик. Сиз ҳам бир оз сукут сақлаб ўйланг. Эҳтимол биродарга вафо бобида қусурларимиз бордир. У ҳолда шогирднинг неча юз йил аввал айтган гаплари бизларга ҳам тегишли, бизлар учун ҳам ибратдир. Шу ўринда ҳазрати Шайх Абу Саид Харрознинг (қуддиса сирруҳу) сўзларини эслаш фойдалидир: «Тушимда кўрдим, икки фаришта самодан тушди ва мендан «Сидқ нимадир?» - деб сўради. Мен: «Аҳдга вафодир»,-дедим. Иккиси ҳам «Садақта» (Рост айтдинг),-деди ва осмонга қайтди.»
Шогирд биродарларини койигач, «Бир ерда ўтириш билан иш битмайди», дея ўрнидан туриб Рум сари, дин ва иймонни ёндирувчи ўша манзил томон йўлга чиқди. Жамоат унга эргашди. Чўлу биёбонларни босиб ўтиб, чўчқабоқар Шайх манзилига етиб бордилар. Шайхда на Ислом, на иймон маслагидан асар қолган, на ақл, на зуҳду тақво андишасидан нишон қолган эди.
Шайх шогирдларини танимай, улардан юзларини тескари бурдилар, чўчқалар тўдаси юрган томонга қарадилар. Сўфийлик йўлини тутувчи солик бу ҳолни кўргач, шайхи учун кўнгли бузилиб оҳ урди. Сўнг шаҳарга қайтиб, бутхона бошлиғини топди ва мақсадини айтди. Кейин ибодатга берилиб, кеча-кундуз илтижо ёшларини тўка бошлади. Изтироб билан кўп-кўп дуолар қилди ва ниҳоят Аллоҳ унинг дуосини қабул этди...
Тонг шамоли мушк ҳид таратиб эса бошлади. Худо фарзини тўғри адо келтириб, саждадан узоқ вақт бош кўтармади. Сўнг асҳоблари ҳамроҳлигида Шайх томон йўлга тушдилар.
Бу пайтда Шайхдан ҳам гумроҳлик дафъ бўлиб, ул зотга ғойибдан огоҳлик етган эди. Кофирлар кийимини ташлаб, белларига боғланган зуннорни узиб ташлаган эдилар. Кўзлари ҳижолат ёшларини ошкор этиб, оҳу надомат алангаси авжда эди.
Шогирдлар келишгач, Шайх кўнгилларига улуғлик етишди. Ҳазор-ҳазор шукрлар айтишиб, шодмон бўлишди. Шайх ғусл қилиб, хирқа кийгач, барчалари Каъба сари йўлга чиқдилар.
Улар йўлда бора турсинлар, биз тарсо қизи сари қайтайлик:
У пари ноз уйқуда ётар экан, бир туш кўрди. Тушида қуёш осмондан пастга тушиб, Исодан (алайҳиссалом) шундай хабар етказди:
-Эй вафо бобида хому норасо! Замона аҳлининг муршиди бўлган Шайх Санъон сенинг бутхонангга меҳмон бўлиб келди. Аммо сен мезбонлик одатини билмасдан, меҳмоннинг бошига не кунларни солмадинг?! Ҳозир у бутхона меҳмонлигини тарк этиб, мезбонлик қилиш учун Каъбага йўл олди. Унинг орқасидан етиб, динига мушарраф бўл, ундан кечирим сўраб, унинг жуфти ҳалоли бўл!
Ғайридин қиз Шайх оёғининг изи бўлишни истаган ҳолда уйқудан уйғонди. Қилган ишлари ёдига тушиб, ношод кўнглига ўтлар туташди. Оҳ урганича ўрнидан туриб, Каъба эҳроми сари йўлга тушди. У зор йиғлаб борар, кўзларидан осмондаги юлдузлар каби ёшлар тўкиларди. У Шайх томон худди ел учирган тоза гул барги янглиғ тез юриб борар эди. Чарх эса қилган ишлари учун кинакашлик кўрсатмоқда эди. Айниқса, бу кинакашликнинг биёбон ичра шиддати ҳаддан ошиб, қизни ваҳима, қўрқув ва ҳайрат босиб кела бошлади. Унга бу ниҳоясиз чўлу биёбонда касаллик ва ожизлик юзланди. У Яратганга ёлборди:
-Ё Раббим! Ожизу саргашта бир ҳолда кўз ва кўнглим қонига беланганман. Заифу бечорадурман, раҳм қил! Бекасу оворадурман, раҳм қил! Гарчи менинг гуноҳ ва жиноятдан ўзга нарсам йўқ бўлса-да, сендан бошқа паноҳим ҳам йўқдир!
Кимсасиз ва чорасиз қиз ўз ҳолига зор-зор йиғлади. Уқубат шунчалик ўз кучини кўрсатди-ки, ҳолсизланиб, тупроққа юзтубан тушди. Ҳушидан кетди. Тупроғ устида хору дарднок бўлиб ётиб қолди.
Юқори мартабали Шайхга бу ҳодиса кашф бўлди. Наинки ул зот, ҳамроҳлик қилаётган муридлари ҳам бу синоатдан хабар топдилар. Шайх улар ҳамроҳлигида изларига қайтдилар. Сарвиноз ётиб қолган ерга етиб келишгач, Шайх унинг ҳушсиз бошини қўйинларига олдилар. Қиз ўзига келиб, Шайхни кўргач, хасрат ёшларини тўка бошлади. Заифликдан унинг ноласи оғзидан билинар-билинмас чиқар, юзи узра бағридан сизғиган парча-парча қонлар оқар эди. Қиз Шайхга деди:
-Эй шиори тақво ва паноҳи дин бўлган киши! Сиздан қайси тил билан кечирим сўрай оламан?! Агар менга шум бахтим бебош болалардек тош отса ҳам бошимга сиз каби олий дарахт соя солиб турибди. Гарчи гуноҳим ҳаддан ташқари кўп бўлса-да, сиздаги лутфу эҳсон ундан ҳам ортиқроқдир. Қилган беадабликларимни билиб, сизнинг узрингизни истаб, қора юз билан ҳузурингизга келдим. Ўша пайтда нимаики ёмон иш қилган бўлсам, булар менинг ўзимнинг ёмонлигим, юртим ва динимнинг ёмонлиги туфайлидир. Ҳузурингизда яна анча сирлар айтмоқчи эдим, аммо умр ошиқиб шошилмоқда, фурсат эса ниҳоятда оз...
Шу тахлит у ўзининг Ислом динига бўлган шавқини баён этиб, Исо алайҳиссалом айтган нишоналарни бирма-бир баён қилди ва ниҳоят дедиким:
-Пойма-пой сўзларимни шу ерда тугатаман. Тезроқ иймонимни келтиринг, бир нафаслик вақтим қолди.
Шайх юзига кўз ёшларини оқизиб, тарсо қизига иймон арз этди. Қиз иймонга ошно бўлгач, оҳ урганча ўз жонини топширди.
Алқисса, Шайх қизни ишқ айвонида дафн этиб, дин ва иймон аҳли гўристонига қўйгач, Каъбага қайтдилар. Аллоҳга ўтмишдаги ишларидан узр сўраб, арз қилдилар ва ниҳоят узрлари қабул бўлиб, қазо ул зотни ўз ёрларига қўшди...
Қиссадан ҳисса: Эркак ва аёл орасидаги ишқнинг беқарорлиги хусусида ҳаётда кўп мисолларга дуч келганмиз. Бугун «севамано севаман, сенсиз менга дунё қоронғу!» деб оҳ-воҳ қилиб юрганлар эртага қарасангиз «бетинг қурсин!» деб бир-бирига тескари қарайди. Баъзан эса оила бузилади. Ишқнинг бу каби беқарорлиги бизни унчалик ажаблантирмайди. Аммо Аллоҳнинг Ишқидан юз ўгиришни фожиа деб биламиз. Албатта валийлар ёки уларнинг муридларига хос бўлган Ишқ мартабаси ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Чунки ҳар бир одамнинг зеҳни, тоқати, қобилияти ҳар хил. Агар бир хилда бўлганида эди, барча бараварига ҳофизи Қуръон, валийуллоҳ даражасига етар эди.
Эркак ва аёлнинг ишқи бир-бирини кўриш билан бошланади. Яъни, ташқи кўриниш бирламчи бўлади. Ташқи кўринишга махлиёлик ички оламдаги қусурлар юзини тўсади. Аллоҳга бўлган Ишқ бутунлай ўзгача: банда ҳали Аллоҳни кўрмай туриб унга ошиқ бўлади. Таъкид этамиз: ҳар бир банда ўзининг имкони даражасида ошиқ бўлади. Бирлари ўзларидаги нафсни енгишга куч топа олади, бирлари эса бу борада ожизлигича қолади. Бирларининг тоқати ярим йил ё ундан кўпроққа етади, бирлари сўнгги нафасигача Аллоҳ Ишқи билан яшайди. Аллоҳга қул бўлмоқ завқини тотиш бахтига эришади.
«Аллоҳга йўл иккитадир: хавосники (хосларники) ва авомники», -дейдилар.
Мусо алайҳиссалом яйловда бир чўпонга дуч келибдилар. Чўпон бутун вужуди билан Аллоҳга сиғиниб, муножот қилиб дер эканким: «Эй Художон! Сен қаердасан? Кел, сочларингни тарайин, чориқларингни тикиб берайин, наинки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга фидо бўлсин. Қаердасан, бориб, дастёринг бўлсам, сут-қаймоғим билан қорнингни тўйдирсам. Бошинг оғриса бошингни силасам, юз-қўлингдан ўпсам, оёқларингни уқаласам...»
Мусо алайҳиссалом бу муножотни эшитиб, чўпонни койиб дедиларким: «Эй аҳмоқ, бу гапларни айтиб, сен энди кофир бўлдинг. Худонинг чориғи ҳам, тўни ҳам йўқ. У емайди, ичмайди. Уни ўзингга ўхшатма. У гўё қуёш, сен эса бир чивин...»
Шуларни айтишлари билан Парвардигордан у зотга ваҳий келадиким: «Эй Мусо! Нима қилдингки, бандамни мендан айирдинг. Қўй, айтаверсин. Сен бандаларнинг дилини Парвардигорга улаш учун юборилгансан, ажратиб ташлаш учун эмас. Биз ҳар одамга, ҳар бир элга ўз даражасида, ўз тилида муҳаббат изҳор этишга имкон бердик. Ҳиндларни ҳинд тилида, синдларни синд истилоҳида сўзлатдик...»
Энди хосларнинг ишқидан айрим ривоятлар билан танишсак:
Робиъаи-Адавиййадан (раҳматуллоҳи алайҳо) сўрадилар:
-Қайдан келурсан: Бул жаҳондан нечук кетурсан?
Жавоб бердиларки:
-У жаҳонга кетурман.
-Бу дунёда найларсан?
-Пушаймон юргайман. Чунки фонийдир, боқий эмасдур.
-Ҳақни севармисан?
-Бали.
-Шайтонни душман тутармисан?
-Йўқ.
-Нечун?
-Шунинг учунки, кўнглимда Раҳмон севгиси шунчалик тўлиб тургайки, шайтон душманлиги сиғмас.
Бошқа бир ривоятда Робиаъ дерларким: «Бир кун тушимда Пайғамбар (с.а.в.) жанобларини кўрдим.
-Ё Робиаъ! Мени севгаймисан? - деб марҳамат этдилар.
-Ё Расулаллоҳ! Сизни ким севмагай?! Лекин. Ҳақ севгиси мени шунчалик чулғаб тургайки, ҳеч дўстлик-душманлик жойи қолмагандир, - дедим.»
Шу ўринда нотўғри тушунчадан сақланишимиз керак. Яъни Аллоҳга ва унинг Расулига (с.а.в.) бўлган Ишқни бир-бирига зид қўймаслик лозим. Чунки Аллоҳга бўлган Ишқни Расулуллоҳга бўлган севгидан ташқарида тасаввур этиб бўлмайди. (Бу ҳақда яна сўз юритамиз.) Ривоятда Робиаъ Аллоҳга бўлган Ишқнинг олий даражасини таъкид этиш мақсадида шундай деганлар.
Бир куни Исо алайҳиссалом боғдаги дарахтларни суғораётган навқиронга дуч келадилар. Йигит ҳазрати Исога: «Раббимдан менга бир зарра севги сўраб бер»,- деб арз қилади. Исо алайҳиссалом: «Аллоҳдан бир зарра севги сўраб берсам, сен унга бардош беролмайсан»,-деганларида, йигит: «У ҳолда зарранинг ярмисини берсин!»- деб ялинади. Ҳазрати Исо: «Ё Раббим! Бу навқирон йигитга зарранинг ярмисича севгингдан ато эт!»-дейдилару йўлларида давом этадилар. Орадан бир муддат ўтиб, яна айни шу ерга келганларида ўша навқирон йигитни боғда кўрмай, қаердалигини суриштирадилар. Одамлар:
-У ақлдан озиб қолиб, тоққа чиқиб кетган, - деб жавоб беришади.
Ҳазрати Исо ўша ёшни ўзларига кўрсатишни сўраб, Аллоҳга муножот этадилар ва уни тоғда бир қоянинг устида самога термулганича ўтирган ҳолида топадилар. Салом берадилар, лекин йигит саломга алик олмайди. Шунда:
-Мен Исоман! - дея садо берадилар.
Вале Аллоҳ ваҳий йўли билан ҳазрати Исога буюрадики:
-Эй Исо! Қалбида зарранинг ярмисича менинг севгим бўлган кимса инсонларнинг сўзини қандай эшитсин?! Иззатим ва Жалолим ҳаққи айтаман, агар бу йигитни арра билан арраласанг ҳам сезмайди.
Бу ўринда ҳам, аввалги ҳолатда ҳам Аллоҳга бўлган Ишқнинг даражаси нисбат мисолида келтириляпти. Албатта бу олий мақомга ҳамма ҳам эриша олмайди. Ким ошиқликнинг бу мартабасига эришибди - бу дунёнинг чин бахтига етибди.
Эр билан аёл орасидаги севги ўзаро бўлганидек, Аллоҳ билан банда орасидаги Ишқ ҳам ўзародир. Банданинг Аллоҳни ва унинг Расулини севиши - уларга итоат этиши, амрларини бажариши демакдир. Аллоҳ бандасини севиши эса, ундан рози бўлиши, уни афв этиши демакдир. Ҳар бир банда тоқати етган қадар Аллоҳ Ишқи билан яшашини айтдик. Аммо билибми, билмайми алданиб қолиш эҳтимоллари борки, бундан эҳтиёт бўлмоқ зарур. Уламо дерларким: «Ким уч нарсани даъво қилса-ю, уч нарсадан ўзини покламаса, у алданган бўлади:
*Аллоҳнинг ўртага қўйган ахлоқ асосларига риоя қилиш завқли эканидан лоф урсаю лекин дунё севгисидан воз кечмаса.
*Амалларни ёлғиз Аллоҳ учун қилишни севишини айтсаю лекин инсонларнинг унга таъзим қилишидан мамнун бўлса.
*Аллоҳни севаман десаю лекин нафсини тарбия қилмаса, у кимса алданган бўлади.
Алданиб қолишдан барчаларимизни Аллоҳ асрасин. Энди ҳар биримиз дунёдан озгина муддатга узилайликда ўз кўнглимизга мурожаат этиб кўрайлик:
-Эй кўнгил! Сен Аллоҳ мени севадими, севмайдими, деб қизиқяпсанми? Хўш, бунинг ўлчови борми, бор бўлса нимадан иборат? Сен Аллоҳга қалбан нақадар боғлиқсан? Аллоҳга бўлган ишқинг қай даражада - ўлчов мана шудир. Билким, сенинг Аллоҳга бўлган муҳаббатинг Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидир. Бу инсоннинг ботинидаги туйғуларга боғлиқ. Ана шу туйғулар майдонга келсин, қалб нурлансин, деб зикр қилинади. Зеро, Аллоҳнинг «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман», деган ваъдаси бор. Бу амал нақадар гўзал!
Ишқ ҳақида ҳар бир киши ақли етган даражада фикр билдиравериши мумкин. Аммо Ишқ туфайли Аллоҳнинг дўсти - валийуллоҳ мартабасига етганларнинг ёки дониш аҳлининг устозлари саналмиш муҳтарам зотларнинг фикрлари бизлар учун муҳимроқдир, деган тўхтамга келиб, айримлари билан танишиб ўтишни лозим кўрдик. Изоҳ сифатида деймизким, мазкур фикрлар бир-бирига ўхшамаса-да, бири иккинчисини инкор этмайди, аксинча, тўлдиради.
Дедиларким: «Ҳақ севгиси нишони уч нарса ила белгили бўлур: киши саховатда денгизга ўхшар, шафқатда қуёшга ўхшар, тавозуъ ва масканатда (мискинлик) туфроққа ўхшар. Ҳар иш
мужоҳада (нафсни енгиш йўлида курашиш) бирлан бўлмоғи керакким, ундан Аллоҳнинг фазли кўрилгай. Ҳар ким Ҳақни билди, унинг саволга эҳтиёжи қолмади.»
Ҳазрати шайх Ҳариси Муҳосибий (қуддиса сирруҳу) айтганлар: «Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ зотларда ўн икки хислат сақланмоғи лозим: 1. На ёлғон, на рост гапга қасам ичмаслик. 2. Ёлғондан сақланмоқлик. 3. Ваъдасидан қайтмаслик. 4. Махлуққа лаънат ўқимаслик. 5. Ҳеч кимни дуойи бад қилмаслик (яъни қарғамаслик). 6. Зулм кўрса таҳаммул (сабр) этмоқлик. 7. Ҳаромлардан сақланмоқлик. 8. Ўзини ҳеч кимсадан улуғ кўрмаслик. 9. Ҳеч кимсанинг хотирини синдирмаслик (ранжитмаслик). 10. Муридни инжитмаслик. 11. Қазо келса сабр ва шукр қилмоқлик. 12. Аллоҳ фарзларини бажо келтирмоқлик.»
Инша Аллоҳ, бу хислатлар хусусинда алоҳида бобларда сўз юритармиз, ҳозир эса кўнглимизга яна бир мурожаат этиб кўрайлик:
-Эй кўнгил! Фикр қил: наҳот бу шартларни бажариш оғир бўлса?! Бу шартларни адо этиб Аллоҳ севгисига етишмоқ учун сенга нима етишмайди? Ақлми? Зеҳнми? Иродами? Журъатми? Ўйла! Аллоҳ сенга ақл ҳам зеҳн ҳам берган, аммо бу ақл, бу зеҳнни нималарга совуряпсан? Ирода, журъат, тоқат... ҳаммасини берган-ку?
Энди ҳазрати шайх Шужоъ Кирмонийнинг (қ.с.) ишқ шартларидан бири бўлмиш сидқ (поклик, ростлик) хусусидаги сўзларига диққат қилайлик:
«Сидқ аломати учдир: *унинг олдида дунёнинг тупроқчалик ҳам қадри бўлмас, яъни олтин ва кумушни тупроқ ўрнида кўргай. *Халқнинг мақтови-ю, дашноми унинг олдида баробардир, на мақтовидан севингай ва дашномидан оғрингай. *Шаҳватни ичидан чиқаргай, очликдан хушнуд ва шод бўлгай, андоқким, дунё аҳлининг тўқликдан шод бўлгани каби.»
Мазкурга бу таъриф айни мосдир: «Сиддиқлар (яъни Ҳақгўйлар) Ҳақнинг жамолини очиқ кўриш умиди билан яшайдилар ва шунинг билан матлубдирлар (севимлидурлар),-дейдилар ҳазрат Навоий. - Уларнинг Ҳақни кўз билан мушоҳада қилиш умидлари ўзни унутиш даражасига етган ва бундан ҳам ўтиб, ҳалок бўлиш мақомига кўтарилган бўлади. Агар ҳодисалар бўрони осмон гулшанининг бир қабатини учириб кетса - улар бехабар ва агар юлдузлар гул баргини ҳар томонга совурса, буларга асар қилмайди. Уларнинг ҳислари Ҳақ жамолини кўриш ташвиши билан ишдан чиққан, шавқ-завқлари эса унга бўлган ишқларининг ҳужуми остида йўқолиб битган.»
Ҳазрати Яҳё Бин Муоз (қ.с.) дебдиларким: «Муҳаббат нишони улдурки, яхшиликдан кеккаймас, жафодан эгилмас»
Ишқнинг шартларидан яна бири зуҳд (тақводорлик) хусусинда ҳазрати имом Аҳмад Ҳанбал (қ.с.) фикр юритиб уни уч хилга ажратибдилар: «Биринчиси - ҳаромни тарк этмоқ, бу авом зуҳдидир. Иккинчиси - ҳалолнинг ҳам кўпини тарк этмоқ - бу хосларнинг зуҳдидир. Учинчиси -Аллоҳдан чалғитадиган ҳамма нарсани тарк этмоқ. Бу - орифларнинг зуҳдидир.»
Ҳазрати шайх Абу Саид Харроз (қ.с.) дебдиларким: «Банда қачонки Аллоҳга қайтгай ва Аллоҳ амрига ёпишгай, ўзини ва Ҳақдан бошқасини унутгай. «Қаердан келурсан ва не истарсен?» деб сўрасалар, «Аллоҳдан!» дер, бошқа жавоби бўлмагай. Банда бу сифатли бўлса, нафсини ўлдирган бўлур. Не сўзласа, унинг сўзи Ҳақ сўзи бўлгай, не эшитса ҳам, фақат ўша бўлғай! Зеро, ўзи ул ерда бўлмагай ва айтарки: «мен кимман, билмайман, найларман, қайдаман...»
-Нимани истайсан? - деб сўрасалар, айтарки:
-Аллоҳ!
-Нимани билурсан?-деб сўрасалар, айтарки:
-Аллоҳ!
Бутун аъзойи бадани ҳам айтур: «Аллоҳ!» «Аллоҳ!» Зеро, унинг бутун вужуди Аллоҳ билан тўлғундир ва Аллоҳсиз жойи йўқдур.»
Ҳазрати шайх Абдуллоҳ Муҳаммад Фазл Балхий (қ.с.) дебдиларким: «Муҳаббат - исордир (яъни ўзини аямай бағишлаш). Унинг тўрт маъноси бор: *зикри доимий бўлиб, шунинг билан шод бўлмоқ, *Ҳақ билан унс (дўстлик) тутмоқ, *дунё ишларидан буткул узилмоқ, *Ҳақдан тўсувчилардан узилмоқ.»
Ҳиротлик машҳур шоир ва шайх Хожа Абдулла Ансорий бундай ёзибдилар: «Кўнгилхушлиги ва унинг фақр йўлида ҳурматга сазовор бўлиши дилда Ундан (Аллоҳдан) ўзга, ёдда жонондан (Аллоҳдан) ўзга нарса бўлмаслигидир. Ҳар бир кўнгил шундай сифатга эга бўлса, уни кўнгил деб билгил. Йўқса, денгиз ёки кон бўлса-да, ундан воз кечгил. Унга маскан бўлган кўнгил -кўнгилдир, йўқса, гулшан бўлса ҳам гулхандир.»
Биз бир нарсага эътиборимизни қаратишимиз лозим: юқорида зикр этилган талабларга ул муҳтарам зотларнинг ўзлари тўла амал қилганлар. Бизга ибрат бўлгувчи ул зотлар Аллоҳнинг марҳаматига эришсалар-да, ўзларини тупроқ қадар деб билганлар. Ҳолбуки, орамизда шундай биродарларимиз борки, беш маҳал намозни чала-чулпа ўқишни ўрганиб олиб, жаннатга йўлланмани қўлга киритдим, деб хаёл қиладилар ва ҳеч кимга сўз бермай гердайиб юрадилар. Шундай кимсаларга «Ислом нимадир?» деб савол бериб кўрайлик. Уларнинг жавобини эшитгунча ўзимиз дейликки: Ислом - ҳаётнинг яшаш бир тарзидир. Ислом - намозмидир? Ҳа. Аммо фақат намоз эмас. Рўза тутмоқликми? Ҳа. Аммо фақат рўза тутмоқлик эмас. Ҳажми? Ҳа. Аммо фақат ҳаж дегани эмас. Ишқсиз буларнинг барчаси қуёшсиз осмон кабидир. Эндиги ривоят балки Ишқ нималигини билишни истамаётган айрим биродарларимизга ибрат бўлармикин?
Бир мурид шайхи Боязид Бистомийни (қ.с.а.) тушида кўрди ва сўради: «Мункар ва Накирдан қандай ўтдингиз?» Шайх дедилар: «Мункар ва Накир «Раббинг ким?» деб сўраганларида мен: «Бориб, Аллоҳдан сўранг, «Боязид сенинг кимингдир?» деб. Ул не деса Боязид ўшадир. Ул «Боязид бандамдир» демагунича менинг минг карра «Раббим Аллоҳдир!» деб айтмоғимнинг фойдаси йўқ.»
Ишқ аҳлининг ўлим билан учрашуви ҳам ўзига хосдир. Мавлоно Жалолиддин Румий ўзларининг ўлимларини «Шаби арус», яъниким, «никоҳ оқшоми» - келинни кўрадиган, лаззат оладиган, ҳаяжонланадиган, висолга эришадиган оқшом, деб атайдилар. «Ўлганимда менинг орқамдан йиғламанг, «алвидо!» деманг. Мен ажралишга эмас, учрашувга кетяпман», - деганлар... Эътиқодли, ошиқ бир инсоннинг сўнгги нафаслари...
Яна мавзуга қайтсак: «Дард (ишқ) аҳлининг нафаси бир ўтдирки, қаттиқ кўнгилни юмшатади ва дийдаси қаттиқ одамни ҳам йиғлатади. Куйганларнинг дами шундай елки, у манманлик хашагини совуради ва жаҳолат тупроғини супуради, - дейдилар ҳазрат Навоий. - Дўст дийдорини кўришни истасанг - ошиқ бўл. Бунинг уддасидан чиқмасанг - ошиқлар атрофида бўл. Агар сенда у ўтнинг шўъласини кўриш ҳаваси бўлса, бир учқуни сен томонга юзланса басдир. Ишқ бир ўтдурки, онинг шуъласидин бир шарар, Тушса гардун пардасиға ўртар андоқким, ҳарир, Сенки жисминг парда торидин дағи бўлғай наҳиф, Тушса ул янглиғ чоқин тузгайму ул тори ҳақир.» (дейилмоқчиким, Ишқ - бир ўтдир, агар унинг шуъласидан бир учқун осмон пардасига тушса, уни майин шойидек ўртайди. Сенинг жисминг тори эса, ана шу парда ипидан ҳам нозикдир. Агар унга ўшандай чақин тушса, бечора тор чидай оладими?)
Ҳазрат Сўфий Оллоҳёр ишқ масаласида кўп сатрларни бизга мерос қолдирганларким, ўқисак, уқсак, амал қилсак шараф топгумиздир. «Онанг ё синглинг бўлса-ю, уларда Аллоҳнинг дарди бўлмаса, улар сенинг бошингни олувчи душманинг. Кимки, Ишқ дардидан бехабар бўлса, ўғил-қизинг бўлса ҳам хасмингдир, душманингдир.» Камина бу ўгитни шундай тушунади: яқинларинг қалбида Ишқ бўлмоғи учун аввало сенинг ўзинг Аллоҳни бутун борлиғинг билан сева олишинг керак. Чунки фарзандларинг нимани ўрганса ҳам аввало сендан ўрганишади. Агар уларга Ишқ дарди ўзга устозлар орқали ўтса-ю, сенинг ўзингда бу дард бўлмаса, у ҳолда яқинларингнинг энг катта душмани ўзингсан.
«Саботул ожизийн»да ўқиймиз:
Муҳаббат жомидин топса киши баҳр,
На қилсун мол-мулки Мовароуннаҳр. дейилмоқчики: биров муҳаббат жомидан баҳра олиб, унинг бир қултумини ичди, дегунча молу-мулкка, гарчи у молу-дунё Мовароуннаҳр мулкидан кўпроқ бўлса-да, назар-писанд қилмас. Муҳаббат жомидан ичган кимсанинг истаги фақат маъшуқига (Аллоҳга) қаратилган бўлади.
Кўнгил мулкига бир олий сифатдур,
Муҳаббат ганжи боғи маърифатдур.
Дейилмоқчики: кўнгилнинг давлати ва мулки шундайин бир юқори сифатдирки, уни сўз билан васф қилиб бўлмайди. Чунки, кўнгил муҳаббат боғи ва хазинасининг манбаи ва Аллоҳнинг назаргоҳидир. Шундай экан, уни баён қилиш қачон мумкин бўлган?
Ризойи ҳазрати Маъбуд ўшанда,
Жамиъи истаган мақсудлар анда. дейилмоқчики, Ҳақ таолонинг ризоси ўша кўнгилда, исталган ниятларнинг барчаси ўша кўнгил уйида бўлса, албатта буларни васф қилиш мумкин эмасдир.
Анингдек мулкнинг султони бўлсанг,
На ҳожат ер юзининг шоҳи бўлсанг. дейилмоқчики, сен шу кўнгил мулкининг шоҳи бўлсанг, ер юзига султон бўлишликка асло ҳожат қолмайди. Зероки, дунё подшоҳлиги - фоний, охират шоҳлиги - боқий.
Алҳол, ҳазрати шайх Иброҳим бин Адҳам (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) қиссаларини эслаш ўрни келди.
Балхнинг подшоҳи Иброҳим бин Адҳамнинг қирқ нафар олтин қалқонли қули дабдаба билан унинг олдида борар, яна қирқ нафари эса ортида юрар эди. Бир кеча саройда ётсалар томнинг тепасида дупур эшитилди. «Ул нимадур?» - деб товуш берган эдилар, «Туяни қидиряпман» деган садо келди. «Туяни томнинг устида қидирадиларми?» - деган эдилар, жавоб келдики: «Эй ғофил, Аллоҳни шоҳи кўрпалар ичида қидирадиларми?»
Бу сўзни эшитишлари билан ул зотнинг жонларига ўт тушди. Тонгга қадар ухлай олмадилар. Эрталаб мутаассир бўлиб тахтга ўтирдилар. Аркони давлат ва қуллари келиб, қўл боғладилар. Шу замон ҳайбатли зот эшикдан кириб келиб, тахт ёнига борди. Бирон киши бирор сўз сўзлай олмади. Тиллари тутилди. Иброҳим бин Адҳам: «Кетгил, бу сарой меникидир, сен телбамисанки, бу ёққа келдинг?» - деган эдилар, ул зот: «Бул карвонсаройдур. Сендан аввал кимники эрди?» - деди. «Отамники, ундан олдин бобомники эди», - деб жавоб бердилар. Яна савол берилди: «Улар не бўлдилар?» Жавоб қилинди: «Ўлдилар...» Дейилди: «Демак, менинг айтганимдек, бул карвонсарой эмасмидирки, бириси келиб, бириси кетар?»
Ўшал зот Ҳизр алайҳиссалом эдилар. Иброҳим бин Адҳамнинг дардлари зўрайди. Тасалли топмоқ умидида шикорга чиқдилар. Унда сарой аҳлидан ажралиб, ёлғиз кетар эканлар: «Интабеҳ!» (Огоҳ бўл, уйғон!) деган овозни эшитдилар. Сўнг яна «Интабеҳ!» дейилди. Учинчи марта эса «Интабеҳ, қоблан тантабеҳ!» («ўлмоқдан аввал уйғон!») -дейилди. Буни эшитганлари замон дунёдан қўл тортдилар. Отни илгари сурдилар. Рўпараларидан бир кийик чиқди. Қўлга камон олган эдилар, кийик тилга кирди: «Ё, Иброҳим! Ҳазрати Ҳақ таоло сени ов қилмоқ учун дунёга келтирдими? Бошқа ишинг йўқми?» Шу сўзларни эшитар эканлар яна бир овоз келдики: «Сен ов қилмоқ учун яратилмадинг!» Бу сас ул зотни титратди. Кўзларига малаклар кўринди. Йиғлай бошладилар. Шу қадар йиғладиларки, кийимлари ҳўл бўлди. Жону дил билан насуҳ тавбасини қилдилар. (Насуҳ тавбаси - соф, холис ҳолда, қайта гуноҳ қилмаслик аҳди билан қилинувчи тавбадир.) Шу ҳолда кетар эканлар, ўз одамларидан бўлмиш бир чўпонга учрадилар. Чўпоннинг чакмони ва телпагини кийиб олиб, қўйларини унга бағишлаб юбордилар. Ул зотнинг бу ҳолларига малаклар назар қилдилар: «Подшоҳлик либосини ечиб, жаннат ва жамолуллоҳ ошиғи охират либосини кийди», дедилар.
Ишқ ана шундайдир...
-Эй кўнгил! Диққат ила қулоқ тутгилким, эҳтимол сенга ҳам «Интабеҳ, қоблан тантабеҳ!» нидоси келаётгандир. Эҳтимол қалбинг қулоқларини, қалбинг кўзларини нафс пардалари тўсиб олгандир?! Зийрак бўл! Қалбингга боқ!
Яна «Саботул ожизийн»га қайтайлик:
Агар хандалча бўлса меҳри ағёр,
Бўлур ботин кўзи маҳжуби асрор.
Дейилмоқчики, агар бир аҳлиллоҳнинг кўнглида қалампир уруғичалик Аллоҳдан бошқанинг муҳаббати бўлса, ўша кимсанинг кўнгил кўзи Аллоҳ таолонинг сирларидан пардаланади. Яъни у кишига Аллоҳ таолонинг сирлари ёпиқ бўлади.
Нечукким, заррайи хас тушса кўзга,
Қилур, албатта, кўрмакликинг ўзга.
Чунки, масалан, агар заррадек бирор нарса кўзга тушса, албатта, кўзнинг кўришини ўзгартиради. Унинг кўриши нарса тушмасдан илгаригидек бўлмайди. Шунинг каби юқоридаги байтга қайтилса, бир аҳли муҳаббатнинг кўнглига Аллоҳдан бошқа нарсанинг муҳаббати тушса, албатта, Аллоҳ таолони севмоғи ўзгаради. Шу сабабдан аҳлиллоҳнинг кўнглида зарра миқдори Аллоҳдан ғайрининг муҳаббати бўлмайди. Эртаю кеч Аллоҳ ризолиги талабида бўлади.
Ибодат банданинг манзури бўлса,
Беҳ ул эрнинг уйинда ҳури бўлса.
Бир банданинг завқи ва ишқи Аллоҳнинг ибодатида бўлса, унинг уйида бир ҳур қиз бўлса ҳам, ўша гўзал қизга майлу муҳаббат билдирмас. Ҳамиша Аллоҳнинг Ишқида бўлиб, тоату ибодатини қилур.
Ривоят қилурларким, бир зоҳид ибодатда эди, аёл ўтиб, хаёли бўлинди. Танбеҳ бериб дедики: «Мен Аллоҳим билан банд эдим, сен уни буздинг.» Аёл дедики: «Мен ҳам Аллоҳим билан банд эдим, сизнинг бунда ўлтурганингизни сезмабман.» Ишқнинг қувватига ўзингиз баҳо бера қолинг.
Рус адиби Лев Толстойнинг Исломга муҳаббат қўя бошлагани ҳақида маълумотлар бор. Ленин унинг насронийликдан чиққан ҳисоблаган, аммо Исломга муносабатини тан олмай, уни худосиз ҳисоблаб, «рус революциясининг отаси», деб таърифлаган эди. Ёзувчини насронийларнинг қабристонига қўйишмаган. У ўз боғига дафн этилган, қабри тепасида хоч қўйилмаганини аввалги рисоламизда батафсил баён этиб эдик. Лев Толстойнинг «Тарки дунё Сергий» деб номланган асари бор. Нима учундир уни «Авлиё Сергий» деб таржима қилишган. Ҳолбуки у авлиё (святой) эмас, айнан дунёдан кечган (отщельник) кишидир. Бир вақтлар эътиборли оиланинг фарзанди саналмиш бу одам офицерлар орасида баобрў бўлган. Унинг севгилисига подшо томонидан кўз ташлангач, у дунёдан нафратланади ва воз кечади. Ҳа, у дунёдангина воз кечади, Яратганга ошиқ бўлиш мартабасига етади. Зеро, таркидунёчилик бошқа, ошиқлик бошқа. Бу икки тушунча бир-бирига боғлиқ бўлса-да, бир нарса эмас. Ёзувчи баёнидаги Сергий бошқалар каби роҳибликни танламайди, балки унданда баттарини - ёлғизликни афзал билади. Хароб кулбаларда ҳаёт кечиради. Уни йўлдан ургиси келган биродарлари турли найранглар ишлатадилар. Охири бир қизни унинг кулбасига киритадилар. Тунда шайтон васвасасидан қутулиш учун Сергий болтани олиб ўз панжасини чопиб ташлайди. Бу воқеа баёни неча юз йил аввал битилган юқоридаги байтнинг исботи каби туюлади.
Кел, э толиб, кўзинг ибрат билан оч,
Муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч.
Муҳаббат аҳлининг жўёни бўлғил,
Ўшалким, учради, қурбони бўлғил.
Дейилмоқчики: сен ҳамиша Аллоҳни севучиларни изла. Баногоҳ улар сенга учраб қолсалар, йўлларида фидо бўлиб, ўзингни қурбон қил. Зеро, аҳлиллоҳни топмоқ - Худонинг ўзини топмоқликдир. Демак, ўзни қурбон қилмоқлик - Аллоҳга нисбатандир.
Улуғларнинг фикрларидан ақлимизни қувватлантириб биз ҳам бир-икки сўз айтмоқликни ният қилдикким, Аллоҳ адаштирмагай.
Инсон ҳар куни ўзига ризқ берган, соғлиқ ва ақл берган, турли-туман туганмас неъматлар билан неъматлантирган Аллоҳни мутлақо таниши, билиши керак. Бу - ишқнинг пойдевори, аввалидир.
Марям сурасида «Шайтонга ибодат қилманглар», деб огоҳлантирган Раббимиз нафсга сиғиниш, унга бут каби қуллуқ қилиш ҳақида Жосия сурасида марҳамат қиладиким: «(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?»
Айрим инсонлар баъзан Аллоҳга сиғинмай, итоат этмай, шайтонга итоат этиб, унинг васвасасини бажаришади. Баъзилар нафсига тобеъ бўлиб, унинг хоҳишларини ижро қиладилар. Бу қабиҳликлардан ўзни сақлаш ва ёлғиз Аллоҳга итоат этиш, унинг амру фармонини бажариш, фақат Аллоҳга сиғиниш - Ишқнинг тамали ҳисобланади.
Ишқ - ақл ва мантиққа уйғун. Биз кўпроқ амалларимизнинг ташқи томонига аҳамият берамиз. Ҳолбуки, ботини муҳимроқдир. Исломда ният ва ихлос асос ҳисобланади. Ишқ ҳам айнан шу икки булоқдан сув ичади. Масалан, икки киши айнан бир ишни бажаради. Лекин бириники қабулдир, иккинчисиники эса йўқ. Нима учун? Негаки, ўша биринчисининг нияти холисдир, иккинчисининг хаёли бошқа нарсада, нияти бузуқ. Зоҳиран бир хил амал бажарадилар, аммо Аллоҳга бўлган муҳаббатлари бир хилда эмас. Шунга кўра, бирига мукофот берилади, иккинчисига эса жазо. Ишқ холис самимиятни талаб этади. Зоҳирпарастликни эса қабул этмайди. Ички покликни, ботиний самимиятни талаб этади.
Валид ибн Абу Валид ва Абу Усмон Маданийдан Уқба ибн Муслим ривоят қиладилар:
Абу Ҳурайрадан (р.а.) «Жаноби Расулуллоҳдан (с.а.в.) эшитиб, хотирангизда яхши сақланган ҳадисдан айтиб беринг», деб илтимос қилинди.
-Майли, яхши эслаганимни айта қолай, - дедилару ҳушдан кетдилар. Сўнг ўзларига келгач: -Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўзлари билан мендан бўлак бирор кимса йўқлигида айтган ҳадисларини сўзлайин, - деб яна ҳушдан кетдилар.
Ниҳоят ҳушёр тортганларидан сўнг бу ҳадисни айтдилар:
-Расулуллоҳ (с.а.в.) ўшанда марҳамат қилдиларки, Аллоҳ таоло қиёмат куни барчани ҳисоб-китоб қилади. Тўпланганлар тиз чўккан кўйи, навбатларини кутадилар. Энг аввал уч тоифа одам чақирилади: Қуръонни кўкрагида жамлаган киши, мол-дунёси кўп бўлган киши ва шаҳид бўлган киши.
Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган кишидан:
-Пайғамбарга нозил этилганларни сенга ўргатмадимми?-деб сўрайди.
-Менга билдирдинг, ё Раб!
-Сенга ўргатилган илмга мувофиқ ҳаракат қилдингми?
-Ҳа, ё Раббим! Кеча-кундуз Сенга ибодат қилдим.
-Ёлғон гапиряпсан, - дейди Аллоҳ таоло.
-Сен ёлғон гапиряпсан, - дейишади фаришталар ҳам.
Шунда Аллоҳ таоло дейдики:
-Бошқаларнинг: «Фалончи ўқиган одам, илмли», деб мақташлари учун ўқиб-ўрганган эдинг, сени шундай дейишди ҳам.
Ундан кейин мол-дунёси кўп бўлган киши ўртага олиб чиқилади. Аллоҳ таоло ундан:
-Мен сенга етарлича мол-дунё бермадимми, ҳатто ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган даражада сени бой қилиб қўймадимми? - деб сўрайди.
-Ҳа, ё Раббий, - деб жавоб қилади у одам.
-Сенга берилган молни нима қилдинг, қандай сарфладинг? - деб сўрайди Аллоҳ таоло.
-Қариндошлар ҳақларига риоя этдим, садақа қилдим, закот бердим.
-Ёлғон гапиряпсан, - дейди Аллоҳ таоло.
-Сен ёлғон гапиряпсан, - дейишади фаришталар ҳам.
-Шунда Аллоҳ таоло дейдики:
-Сен «Одамлар мени сахий деб атасин», дея шундай қилардинг. Сени шундай аташди ҳам.
Шундан сўнг шаҳид бўлган киши олиб келинади. Жаноби Ҳақ ундан:
-Сен нима учун ўлдирилдинг? - деб сўрайди.
-Ё Раббий, Сенинг йўлингда қурбон бўлдим.
-Ёлғон айтяпсан, - дейди Аллоҳ таоло унга.
-Сен ёлғон сўзлаяпсан, - дейишади фаришталар ҳам.
Шунда Аллоҳ таоло дейдики:
-Менинг амримни адо этиш учун эмас, одамларнинг «Фалончи жасур экан», дейишлари учун курашдинг. Одамлар сени шундай дейишди-ку?»
Абу Ҳурайра (р.а.) давом этиб айтдиларки:
«Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундан кейин менинг тиззамга уриб қўйиб:
-Эй Абу Ҳурайра, қиёмат куни Аллоҳнинг махлуқларидан жаҳаннам оловида биринчи ёнадиганлари ана шу уч одамдир,-дедилар.»
«Танбеҳул ғофилийн» асарида таъкид этилишича, бу уч тоифага аввал жаннат кўрсатилади. Улар «жаннатга тушамиз», деб қувониб туришганда дўзахга ҳукм бўлишади ва «бизга жаннатни кўрсатмай туриб тўғри дўзахга ташлаганинг дуруст эди», деб йиғлашади. Демак, нияти холис бўлмаганларнинг жазоси қаттиқроқ бўлар экан. Ният холис бўлмоқлиги учун эса қалбда озми-кўпми Ишқ бўлмоғи шарт.
Мазкур шарафли ҳадис Муовияга айтилганда у: «Бу уч кишининг бошига шундай кулфат тушса, бошқаларнинг ҳоли қандай бўларкин?» - деб узоқ йиғлаган, сўнг Ҳадид сурасини ўқиб деган экан-ки:
-Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) рост сўзлабдилар. Чунки Аллоҳ таоло: «Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, уларга амалларнинг (савобини) шу (дунёда) мукаммал берурмиз ва улар (дунёда) зиён кўрмайдилар. (Яъни савоблари учун ажрни ҳам шу дунёда олиб, охиратда бенасиб бўлурлар.) Ана ўшалар учун охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. (Уларнинг) савобли ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил бўлур», - дея марҳамат қилган-ку!
Ишқ - Аллоҳга ишониш, Аллоҳни таниш, Уни излаш, розилигини топиш экан ва бу холис самимиятни талаб қилар экан. Буни «маърифатуллоҳ» ёки «ирфон» ҳам дерлар. Ирфон эгасини эса «ориф» ёки «орифун биллаҳ» ҳам дерлар. Яъниким, холис ният ила Аллоҳни таниган, Аллоҳга етган. Бу мақомга етганларни «эран» ҳам дерлар, яъниким, ўзининг юқори даражадаги ишқи туфайли Аллоҳга етишган. Сўрадилар: «Ориф ким?» жавоб бердиларким: «Ориф улдурки, ҳеч нарса унинг машрабини (табиатини) булғай олмас, ҳар қандай кадар унга соф бўлур. Ҳар ким халққа орифдир, Ҳаққа жоҳилдир. Ҳар ким халққа жоҳилдир, ҳақиқатан орифдир. Орифнинг нифоқи жоҳилнинг ихлосидан аълодир.»
Туркларнинг улуғ шоири Юнус Эмро «Изламагин олислардан, кўнгулдадир мақоми», деб ёзган эканлар. Демоқчиларким, «Сен Аллоҳу таолони узоқлардан, осмондан ёки бошқа томонлардан излама, унинг мақоми сенинг кўнглингдадир. Кўнглинг, яъни қалбинг муҳаббат билан Аллоҳни билиш ва унга етиш ишқи билан ёниб-ўртанади. Уни севиш ва ҳар бир нарсани унинг ризоси учун қилиш асосий мақсад - Аллоҳ томонидан севилган қул бўлиш бахтига етказади.»
Ўйлайлик: биров «Мерседес»ни севади, унга эришмоқ учун туну кун ҳаракат қилади. Тиним билмайди. Ҳатто Олмониядаги заводига ҳам бориб келади. Бу унинг кўнгил иши. Нафси шундай буюрди - қилди. Афсус билан деймизки: Аллоҳ розилигига эришиш учун ҳам шундай интилса эди...
Хос ошиқлар кимнингдир севгисига, мақтовига, шуҳратига, хайру-эҳсонига аҳамият бермайдилар. Улар фақат ва фақат Аллоҳ томонидан севилишни хоҳлайдилар. Ва фақат шу йўлдагина ҳаракат қиладилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) яҳудий руҳонийларни Исломга даъват этганларида, улар: «Биз Аллоҳни севамиз, биз Аллоҳнинг севимли қулларимиз. Бизнинг ўз динимиз бор, ўз эътиқодимиз бор, нега сенинг олдингга келишимиз, сенга байъат қилишимиз керак? Сенга тобеъ бўлишга бизда ҳожат йўқ. Биз Аллоҳни таниймиз ва севамиз», - деганларида Аллоҳ таоло томонидан бу ояти карима нозил бўлган: «Айтинг, (эй Муҳаммад!) «Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади.» (Оли Имрон). Бундан мурод: «Сиз, эй Муҳаммад (с.а.в.), Аллоҳнинг севгили қулисиз ва расулисиз. Сизга эргашсинлар. Шунда Аллоҳ ҳам уларни севади», - деган мантиқли ҳукмдир. Аллоҳнинг бир қулини севмоқлик шарти кескин тарзда маълум шартлар воситасида майдонга чиқади. Хўш, бир қулнинг Аллоҳ тарафидан севилмоғининг асосий шарти нима экан? Расулуллоҳнинг (с.а.в.) йўлларидан юрмоқ, ҳар ишда ҳазрати Пайғамбаримизга (с.а.в.) тақлид қилмоқ, у муҳтарам зот каби ҳаракат қилмоқ, тавсияларини бажармоқ ва у зоти шарифни яхши кўрмоқ, севмоқ воситаси билан бўлар экан. Орифлар (эранлар) мазкур шарт ва воситаларни амалга оширган Аллоҳнинг суюкли бандалари эдилар. Дейдиларки:
Эй Аллоҳим, мени мендан айирма,
Мени асло жамолингдан айирма.
Балиқ жони тирик эрур сув ичра,
Илоҳи, балиқни кўлдан айирма.
«Мени ишқинг дарёсидан ташқарига чиқарма. Балиқ сув билан тирик бўлгани каби Ишқ аҳли Аллоҳнинг севгиси, жамоли билан тирикдир», деган маънони уқамиз мазкур сатрлардан.
Ишқ аҳлининг зиммасида икки вазифа мавжуд бўлади:
*Аллоҳни бандаларга севдирмоқ.
*Бандаларни Аллоҳга севдирмоқ.
Албатта, бандаларга Аллоҳни севдирмоқ гўзалдир. Масалан, болага бирон ширинлик берсангиз, тотиб кўргач, уни ёқтириб қолади. Бандаларга Аллоҳни севдирмоқ унчалик қийин эмас. Айтадиларки, банда ҳақиқий комиллик ёлғиз Аллоҳга оид эканлигини, ўз нафсида ёки бошқаларда кўринадиган комиллик эса ёлғиз Аллоҳдан келишини идрок этаётганда Аллоҳни севган бўлади. Аммо бандаларни Аллоҳга қандай йўл билан севдирмоқ мумкин? Таъкид этамизки, бунинг учун банда Расулуллоҳга (с.а.в.) эргашади, Расулуллоҳнинг суннати санийяларига тобеъ бўлади, суннати санийяга мувофиқ камолга етишади. Суннати санийяга эргашмоқ ҳар хил бидъатлардан сақланмоқ, ҳазар қилмоқликни талаб этади.
Аввалги бобда ибрат хусусида айтиб эдик. Расулуллоҳни (с.а.в.) қандай севиш лозимлиги борасида ҳам тарихда биз учун ибратлар кўп. Ҳазрати шайх Увайс Қароний (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) ибратларини эслашнинг ўзи кифоя. Увайс Қароний ҳазратлари Расулуллоҳни кўрмай туриб ҳам севганлар. Кофирлар Уҳуд жангида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) жанобимизнинг тишларини синдиргани хабарини эшитиб, бундан ғоят қалбан куйиб, ўз оғизларидаги барча тишларини синдирган эканлар. Ҳазрати Увайс аввал бир тишларини тош билан уриб синдириб, «Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) синган тишлари балки бу ўриндагиси эмасдир», деб бошқасини синдирдилар. Шу зайлда барча тишларини синдириб чиқдилар. Икки жаҳон қуёши - Пайғамбаримиз салавотуллоҳу алайҳи ва саломуҳу жанобимиз Увайс Қароний ҳазратларининг мадҳида «Ямандан менга Аллоҳ ошиғининг иси келур», - деб марҳамат этганлар. Бу мўъжизани қарангки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ошиқни кўрмай туриб, у ҳақда эшитмай туриб билганлар. Саҳобаи гузин (суюкли саҳобалар) Расулуллоҳ жанобимиздан Увайснинг қаерда эканини сўраганларида «Яман вилоятининг Қарн қишлоғида», - деб марҳамат этдилар.
-Ё Расулаллоҳ! Увайс зоти рисолатпаноҳларини (яъни Сизни) кўрганми? - деб сўрадилар.
-Кўрган ва лекин зоҳирда кўрмаган, - деб марҳамат қилдилар.
-Бул қандай ошиқдирки, Сизни кўрмас?
-Икки сабаби бор: биринчиси - ҳол ғалабасидан, иккинчиси - шариат азаматидан, яъни кўзи ожиз онаси бор уйни ёлғиз қолдириб келмади. Шариат амрини тутди, оналик ҳақига риоя этди.
Расули акрам жанобимиз охират дунёсига риҳлат қилар эканлар, ҳазрати Умар ва ҳазрати Алига (р.а.) муборак мураққаъларини (кийимларини) бериб, Увайс ҳазратларига элтмоқликни васият қилдилар ва ҳазрати Увайснинг кўринишларини таъриф этдилар: «Бадани юнглидир, ўнг қўлининг панжасида оппоқ, бир тангачалик хол бордир. Мендан салом айтингиз. Мураққаъни кийиб, умматимни дуо қилсин...»
Ўрни келдиким, улуғларнинг Аллоҳ расулини севмоқлик ҳақида айтганларини эсламоқ лозим:
«Бир куни тушимда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрдим. Мендан: «Аллоҳ сени қайси хислатларинг туфайли дўстларинг орасида баландроққа қўяди, биласанми?» - деб сўрадилар. Мен «йўқ», деб жавоб берганимда, шундай деб марҳамат қилдилар: «Солиҳ кишиларга хизмат қилишинг, мусулмон биродарларингга ўгит беришинг, мўминларни ва менинг суннатимга эргашганларни севганинг ва менинг гўзал ахлоқимга эга бўлганинг туфайли!.» (Ҳазрати шайх Бишри Ҳофий, қоддасаллоҳу сирраҳул азиз).
«Аллоҳ севгисининг аломати Қуръон севгисидир. Қуръон севгисининг аломати Пайғамбар севгисидир. Пайғамбар севгисининг аломати унинг суннатига ва гўзал ахлоқига тобеъ бўлмоқдир. Суннатга тобеъ бўлишликнинг аломати охират ҳаётини унутмасликдир. Охират ҳаётини унутмасликнинг аломати дунёга ҳирс қўйишдан, ҳаром ва ғайримашруъ даромад йиғишдан қочишликдир.» (Ҳазрати шайх Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий, қуддиса сирруҳу.)
«Аллоҳнинг лутфи бўлмасдан бир кимса Унга етишолмас. Аллоҳга етишишнинг йўли унинг Расули ҳазрат Муҳаммадга (с.а.в.) тобеъ бўлишдир.» (Ҳазрати шайх Жунайд Бағдодий, қоддасаллоҳу сирраҳул азиз.)
Аллоҳ насиб этса, кейинги бобларда ҳам Расулуллоҳнинг (с.а.в.) гўзал хулқларига эргашиш масаласига қайта ва қайта мурожаат этажакмиз. Алҳол, биргалашиб, кўнглимизга яна дейликки:
-Эй кўнгил! Ояти каримада айтилгани каби Расулуллоҳга (с.а.в.) яъни Аллоҳнинг севган бандасига ўхшаб ҳаракат қил! Аллоҳ ўз ҳабибини севгани каби Унга эргашган, Унга мувофиқ амал қиладиган, ўзини Унга ўхшатадиган, ўзини Унга ўхшатадиган кимсани ҳам севгайдир. Буни унутма!
Энди айт-чи: Аллоҳ итоат этганни севадими ё саркашними? Ибодат қилувчини севадими ё осий бўлганними? Яхшилик қилганни севадими ё зулму ёмонлик йўлида юрувчиними? Ҳа, бунинг жавоби аниқ, буни ҳамма яхши билади. Аллоҳ итоат этганни, савоб ишлар қилганни севади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Бақара сурасидаги оятни қайта-қайта ўқиб, уқиб ол: «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни, ибодатини жону кўнгилдан адо этган бандаларини севади.» Яна Аллоҳ расулининг (с.а.в.) сўзларини унутма: «Ким менинг ахлоқимни иҳё этса (такрорласа, тикласа), мени севганидир. Ким мени севса, қиёмат куни жаннатда мен билан биргадир.» Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганларким: «Инсонларнинг ахлоқи бузилганида ва ихтилофлар авжига чиққанида Аллоҳ расулининг гўзал ахлоқини намоён қилган одамга юз шаҳиднинг савоби берилади.»
Эй кўнгил! Сен шундай савоб эгаси бўлмоқликка интил! Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Ким менинг гўзал ахлоқимга тобеъ бўлмаса, унга шафоатим ҳаромдир», - деган сўзларини ҳеч қачон унутма ва шафоатларига умид қил.
Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганларким: «Сиз бир одамни кўрсангиз, у одам кўкда учса, ё сув устида юрса ёҳуд олов еса ва ё шунга ўхшаш баъзи нарсаларни қилса, лекин Аллоҳ фарз қилган амалларни адо этмаса ва Пайғамбарнинг гўзал ахлоқига эргашмаса, билингизки, у кимса ёлғончи ва найрангбоздир.»
Эй кўнгил! Сен ундайларга ҳаргиз яқин бўлмагайсен! Ҳар он Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузуридаман, деб ўйлагилки, ҳаракатларингда ул зоти шарифнинг суннатларига зид ҳолат чиқиб қолмасин. Мусибатларга дучор бўлганда чида ва сабр эт. Гуноҳкорларга ва Пайғамбаримизнинг йўлларидан чиққанларга мағфират тилаб дуолар қил...
Эй кўнгил! Сен бирор мансаб умидида бўлсанг ёки бирон марҳамат илинжида юрсанг албатта бошлиғинг сўзларини жон қулоғи билан эшитасан, унинг буйруқларини ошиғи билан бажаришга уринасан. Агар талаба бўлсанг, устозингнинг айтганларига итоат қиласан, имтиҳонлардан ўтиш учун дарс тайёрлайсан.
Аллоҳ айтганларини бажариш, вазифаларини адо этишда барчамиз ҳам ана шундай рағбат намойиш этамизми? Таҳорат қил, намоз ўқи! Кимдир ўқийда, кимдир ўқимайди. Рўза тут! Биров тутади, бошқаси йўқ. Закот бер! Ҳамма ҳам беравермайди. Яхшилик қил! Бир одам бу амрга итоат этади, яна бири юзини терс ўгиради. Зулму мунофиқлик қилма! Кимдир зулмдан ҳазар қилади. Яна кимдир учун зулм - ҳаётининг мазмуни. Зино қилма! Биров нафсини тия олади, яна биров бу фаҳшни аъло деб билади. Ота-онани ҳурмат қил! Кимдир ота-онасининг дуосини олади, яна кимдир лаънат тамғасини афзал билади. Ароқ ичма! Бир тоифа бўғзини покиза сақлайди, бошқа тоифа шайтон сийдигини ича-ича тўймайди. Ёлғон гапирма! Биров ростликни шиор қилиб яшайди, бошқаси ёлғон гапирмаса гўё ўлиб қоладигандай бўлаверади. Хўш, буларнинг қай бири Аллоҳ учун севимли?
Мавзуни давом этттиришдан олдин бир масалага қисқароқ тарзда бўлса ҳам изоҳ бериб ўтишни лозим топдик:
Биз ишқ аҳли - ориф (эран)лар ҳақида жуда-жуда кам биламиз. Дарвишлар ҳақида эса унданда кам биламиз, билганларимизнинг анча қисми эса хатодир. Уларни Совет давридаги худосизларнинг китоблари ёки киноларидангина биламиз. Дарвишлар бизнинг назаримизда гадолардир, йиртиқ-ямоқ кийувчи, исқирт юрувчи ишёқмас бир шахсдир. Агар шу фикрда қолсак, у муҳтарам зотларни ҳақоратлаган бўламиз.
Тўғри, дарвишлар ҳашамдан, хусусан ясан-тусандан воз кечганлар, яъниким, дунё севгисидан юз ўгирганлар. («Дарвиш» атамасининг маъноси - дунёни севмаган пок, софдил киши, демакдир.) Тўғри, ҳаётда озми-кўпми ўзини бечораҳол, бенаво кўрсатиб, текинхўрлик билан кун кўрувчилар бўлгандир. Аммо уларга қараб туриб, дарвишларни ёмонотлиққа чиқаришимиз инсофдан ҳам, ақлдан ҳам эмас. Тарихдан маълумки, улар кўп ерларга Ислом етиб боришига хизмат қилганлар. Масалан, Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг дарвишлари Болқонга қадар бориб у ерликларни мусулмон бўлишларига хизмат қилишган. Дарвишлар узоқ ўлкаларга даъват учун, маърифат учун кетишган. Улар очликдан, камбағалликдан, касалликлардан ва бошқа қийинчиликлардан қўрқишмаган. Мутавозеъ, хушахлоқ, бировга зарари йўқ, ўз маслагида собитқадам бўлганлар.
Дарвиш карвонлар ўтадиган тоғ ёнбағирларида, дараларда, сўқмоқларда жойлашади. Ўтган-кетганга яхшилик қилади, сийлайди. Кечалари уйида меҳмон қилади. Меҳмонлар кўпайиб борса, бинони кенгайтириб, хонақоҳга айлантиради. Ниҳоят, кечаги кимсасиз сўқмоқ одамлар яшайдиган манзил-масканга айланади. Сўнг эса шаҳарга... Сўнг эса дарвишлар бошқа манзилларга кетадилар. Баъзи шаҳарлар айнан шу тарзда барпо бўлган. Дарвишларни ҳатто насроний аҳоли ҳам яхши кўрган, ҳурмат қилган. Нега? Чунки улардан ҳеч кимга озор етмаган. Ҳалол еб, ҳалол турганлар. Тоза кўнгил, ширинсўз, табассумли, яхшиликни соғинадиган, ишчан инсонлар бўлганлари учун ҳам севганлар, ҳатто баъзилари уларга эргашганлар. Дарвишлар бутун куч-ғайратларини холис Аллоҳ розилиги учун сарфлаганлар. Дарвишлар фақат инсонларга эмас, балки ҳайвонларга ҳам хизмат қилганлар. Масалан, қўтир бир итни кўриб, ичи ачийди, уни олиб, даволайди. Нега? Чунки махлуқни Холиқ ризоси учун яхши кўради, ундан муҳаббатини дариғ тутмайди. Итга қилинган яхшиликдан ўзига фойда тегиши, савоб етишини билади. Вақти келиб, Аллоҳнинг марҳамати билан бу улуғлар ҳақида тўғри ва яхши асарлар битилгай, авлодларимиз бу борадаги ҳақиқатни англаб етгайлар, инша Аллоҳ!
Яна мавзуга қайтсак: Аллоҳ севгисига етишмоқликнинг асосий шартларидан биринчиси -Унинг расулини севмоқ экан. Кейин эса мусулмон мусулмонни севмоғлиги шарт. (Шунинг баробаринда ота-онани севмоқлиги ҳам шартким, бу ҳақда алоҳида бобда сўз юритамиз.) Бир-бирларига нисбатан самимиятли, чин қалбдан муомала қилганларни Аллоҳ севади. Ёнидаги биродарига ёки қариндошига ёки ота-онасига муҳаббати бўлмаган кимсанинг «Расулуллоҳни севаман!» «Аллоҳга ишқим баланд!» дейиши қуруқ гапдан бошқа нарса эмас.
Бу севгилардан ташқари «хизмат қилиш» деган тушунча ҳам бор. Яъни севги изҳори билан иш битмайди. Банда Аллоҳ розилиги учун ота-онасига, халққа... хизмат қилиши шарт. Савоб ишларни амалга ошириши зарур. Халқнинг оғирини енгил қилишга ҳисса қўшмоғи лозим. Яъни ариқлар, ҳовузлар қазийди, тозалайди, кўприклар қуради... хуллас, хизматларнинг тури кўп. Қай бирига қурби етса, бажариши керак. Ҳасса таяниб келаётган отахон йўлдаги муштдай тошни ҳассалари учи билан четга суриб қўядилар. Бу ҳам хизмат. Яхши тарбия кўрган бола кекса онахонни катта кўчадан етаклаб олиб ўтиб қўяди. Бу ҳам хизмат...
Қул Аллоҳнинг розилигини топиш учун турли йўллар ахтаради. Тадбирлар ўйлайди. Аллоҳ розилигига боис ишлар эса кўпдир. Шу қадар кўпки, махлуқотнинг ҳисоби қадар эмас, маҳлуқотнинг нафаси ҳисоби қадар кўп, дейдилар орифлар. Тасаввур қилинг, бир одам қанча нафас олади? Энди эса бутун жонзотларнинг бир дақиқада, бир соатда, бир кунда, ойда... олган нафасларини тасаввурингиз доирасига сиғдира оласизми?
Йўл ҳақида сўз кетганда тариқат тушунчасини четлаб ўтсак яхши бўлмас. Айримлар шариат ва тариқатни бир-бирига зид, ҳатто душман сифатида қарши қўядилар. Бу тўғри эмас. Гап шундаки, «тариқат» - йўл, аниқроғи сўфийлик йўлини англатади. Сўфийлик тарихида эса турли туман йўллар кўп ва улар орасида адашган ҳатто зарарли оқимлар ҳам бўлган. Биз Нақшбандия ёки Яссавия тариқатларини эшитганмиз. Ҳа, «биламиз», эмас, айнан «эшитганмиз». Ҳолбуки тарих Қодирия, Суҳравардия, Кубравия, Бектошия, Мавлавия, Қаландария... каби кўплаб тариқатларнинг фаолиятига гувоҳ бўлган. Чиштия тариқатининг Ҳиндистонга, Сунусия тариқатининг Африқага Исломни ёйишда хизматлари бор. Айрим тариқатлар оз муддат фаолият кўрсатганлар. Айримлари эса юз йиллардан бери мавжуддирлар. Маълумки, тариқат аҳлининг ўз пирларига муҳаббатлари баланд. Фақат пирлари буюрган йўлдан юрадилар. Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари пирни жанг майдонидаги қўмондонга қиёс қиладилар. Ўхшатиш ўринли, аммо қўмондонларнинг даражалари, ақл-заковотлари турлича бўлади. Бир қўмондон лашкарни ғалабага етакласа, бошқаси мағлубият ботқоғига етаклайди. Ана шу иккинчи тоифадаги «пирлар» тариқат аҳлининг покиза номларига доғ тушириб қўйишган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари тариқати агар шариатга зид бўлса бу кунга қадар яшаб келмаган бўларди. Биз мазкур битикда тариқат, сўфийлик олами ҳақида батафсил фикр юритмоқликни мақсад қилиб қўймаганмиз. Чунки бу ўзига хос мураккаб илмдир ва бундай илм каминада йўқ ҳисобида. Шу боис маълумот сифатида тилга олиб ўтяпмиз. Сўфийлик тарихида ёмонликлари билан зикр этилган, ҳатто кофир деб эълон қилинганлар ҳам борки, шулардан иккитасини «Саботул ожизийн»га Тожуддин Ёлчиқули томонидан ёзилган шарҳ асосида баён қилиб ўтсак зарар қилмас, биз ожиз бандаларни хато йўллардан асрашга хизмат қилар, инша Аллоҳ!
Ғараз, э бандалар, нозир ўлунглар,
Ямон йўл фирқаға ҳозир бўлунглар.
Шарҳ: мақсад шуки, э бандалар, ёмон йўлдан юргувчи гуруҳлар ҳолидан баён қилайин. Сизлар эса ҳозиру нозир бўлингизлар.
Бани Одамда бордур бир фирқа
Тутарлар ўзларин аҳли тариқа.
Шарҳ: Одам болалари орасида бир турли гуруҳ бордир. Улар ўзларини аҳли тариқат санаб, «бизлар аҳли жазбамиз»,-дерлар. Ўзлари жазбанинг маъноси ва унинг неча хил бўлишини билмайдилар. Фақат тариқат аҳлиданмиз ва зикри жаҳрийаданмиз, дея бақириб девона бўлиб юришади.
Алар шаръи набийнинг душманидур,
Аларнинг оти, яъни «равшаний»дур.
Шарҳ: сифатланмиш гуруҳлар Пайғамбаримиз (с.а.в.) шариатининг душманидир. Буларнинг ҳоллари кофир бутидан ортиқроқдир. Аммо мазҳабларининг оти мазҳаби Йаъраб ибни Сафвон Равшанийдур (Равшаний - Балхдаги бир қишлоқнинг номи).
Алар ўзлариға «ориф» қўйиб от,
Ўқурлар омийларға яхши абёт.
Шарҳ: бу ботил мазҳаб аҳли бир-бирларини «ориф» атаб, у шундай авлиё, шундайин ҳолли, дерлар. Бир уйга йиғилишиб охират ҳолни кўрсатувчи абётлар ва ҳикматларни омийларга айтиб ва турли дафъу ноғораю бошқа чолғуларда оҳанглар чалурлар. Хотинлар ва бесоқоллар нафис товушлар билан ўзарлар. Бир замондан сўнг баъзиларининг димоғига шайтон ўсиргач, ақлларидан озиб, ҳушдан кетишади. Лекин айтишларича, ақлдан озиб ҳушдан кетишлари бир тур доридандир. Сафро ўтини гулханга қўйиб ундан тутун чиқиб димоқларига киргач, ҳушсиз бўлишади. Аммо шайхлари ҳушларини йўқотмай доим оғизларига асал солиб туришади. Бу асал бояги гиёҳ тутинининг ҳароратини қайтариб туради. Ул малъуннинг ғарази - кўркам хотин ёки бесоқол ҳушсиз бўлгач, уни жимоъ қилишдир.
Валекин айтушур беҳуда маъний,
Ўзининг йўлиға солмоққа йаъний.
Шарҳ: аммо бу фирқанинг шайхлари ўтган авлиёлар ва уларнинг ҳоллари ҳақидаги беҳуда гаплар билан омийларни рағбатлантириб, ўзларининг ботил йўлларига солмоқ ва киритмоқ ҳавасида бўладилар.
Аларда бўлмагай ҳеч яхши ният
Аёлу аҳлида бўлмас ҳамиййат.
Шарҳ: ўша мажлисда бўлганларнинг яхши ниятлари йўқ. Бир-бирларига ошиқ бўлиб юришади. Хотинлари ва оилаларига куюнчак бўлишмай, балки қайси бирининг хотини қўлга тушса, ўшани жимоъ қилишади. Шундан сўнг «мен Аллоҳ ишқида маст бўлиб, нима нарса бўлганини билмадим»,-дейишади. Ва яна айтурларки, Аллоҳ таоло ҳазрати кўзларига гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмас эмиш. Олимларни душман кўриб намозни ёқтирмайдилар. Яна дейишадики, уларнинг мажлисида ҳар ким бир кеча ўтирса, қирқ йиллик ибодат савобини топармиш. (Шу ўринда мазкур шарҳ муаллифи Тожуддин Ёлчиқул бу мазҳаб ҳолини кўриб ўрганиш учун уларнинг бир неча мажлисларида ўтирганлигидан афсус-надоматлар чекиб, тавбалар қилади, Аллоҳдан узр сўрайди.)
Жамиъ жонворлар тушса кўзга,
Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.
Шарҳ: дунёдаги барча ҳайвонда ғайрат ва куюнчаклик бордир. Ёлғиз тўнғизда бу нарсалар йўқ.
Аларнинг феълидур тўнғизга ўхшаш,
Шариат мункаридур оғзиға тош.
Шарҳ: бу малъунларнинг феъли тўнғизларга ўхшашдур, чунки тўнғиз каби буларда ҳам рашк йўқ (хотинларини қизғанмайдилар). Шариатни инкор қилиш буларнинг одатидур. Олимлар ўгит қилиб, хатоларини айтсалар, уни сўкиб «кофир» дерлар. Рўзани икки-уч кун кейин бошлаб, жамоатдан икки кун бурун байрам қилишади. Шайхлари гуруҳдагиларнинг нимаики нарсасини хуш кўриб қолса, тиланчилик билан олишади. Яна нодон муридлар айтишадики: «Молимизнинг ярми шайхимизникидир. Сўрамайин олса ҳам, бизлар ризо бўлмасак ҳам ҳалолдир».
Аларнинг феълини ким яхши билди,
Бўлуб кофир, ёнар ўтга йиқилди.
Кимки, уларнинг қилмишларини билатуриб йиғинларига ўзи борса ва хотину аҳлини юборса, ёнар ўтига тушганидир. Яъни ул кимса кофирлардан бўлиб, жаҳаннамда мангу қолади.
Бўлибдур яна ҳам бир фирқа пайдо,
Оти мўмин, вале нафсига шайдо.
Яна Равшаний мазҳаби каби бир гуруҳ пайдо бўлибди. Исмлари «мўъмин»дир, аммо ўзларини ўзлари алдагувчилардир. Ўзлари «мўъмин» деб атасалар-да, аммо ичларида кофирдирлар.
Йиғарлар порайи бўйни йувонни,
Солурлар ўртаға қизу жувонни.
Бир гуруҳ бўйни йўғон гиёҳни йиғиб мажлисларида ўтга қўйиб ёқадилар. Мажлисларига қизлар ва бесоқол болалар ҳам келтирилади. Тутаётган гиёҳнинг тутуни бурунга кириб, кишини ҳушсиз қилади. Шайх бўлмиш кимса доим сирка ва нордон нарсаларни ичиб тургани учун унга тутун таъсир қилмайди. Шундан сўнг истаган қиз ёки бесоқолни жимоъ қилади.
Агарчи Равшаний эрмас, бу - Авбош,
Вале бу иш шариат ҳукмдин тош.
Буни «мазҳаби Аббос ибни Убайда Харуфий Авбоший» дерлар. Равшаний мазҳабидан бошқадир ва ёмонроқдир. Лекин ҳар иккисининг мазҳаби шариат ҳукмидан ташқаридир. Ҳар иккиси кофирдир («Авбош» - Шероз яқинидаги шаҳар исмидир).
Абулҳасан Хирқоний ҳазратлари «Одоби сўфий» номли китобларида ёзишларича, мазкур бу икки гуруҳ замона охирида чиқиб жуда кўп бўлишар. Яна мазкур китобда ёзилмишки, бу икки гуруҳ йўлдан озганлардир ва йўлдан оздирувчилардир. Шариат аҳли олдида уятлидир. Ишонсинлар, деб неча ақлсизлар ул мазҳабнинг тобелари Хожа Аҳмад Яссавийдан нақл қилурлар, яъни «бизнинг силсиламиз Хожа Аҳмад Яссавий», дерлар ва шу билан халойиқни алдамоқ истарлар. Ажаб! Хожа Аҳмад Яссавий Аллоҳ таолонинг дўсти (валий) бўлса-ю, бунчайин бидъат ва ёвуз ишларни қиладими?! Асло! Улуғ авлиёдан бундайин куфр ишлар келмас! Нозими китоб айтадики, Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шариатнинг қуёши, яъни комилу мукаммал эрдилар. Ул зотнинг номини булғаб келаётган бу гуруҳ Аллоҳнинг раҳматидан йироқ ва уларнинг ишлари аҳли суннат ва жамоат ишидан айрилгандир. Шунинг учун улар кофирдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладиларки: «Қиёмат кун бўлса, «оманно биҳи ва садақно» - жон билан тан бир-бирига қўшилиб қабрдан турсалар, ҳар ким ўзининг яхши кўрган гуруҳи билан бўлади».
Бу сатрларни ўқиб: «тарих баёни экан», деб эътиборсиз бўлманг. Камина ҳуқуқ идораларидан бирининг ходимидан диёримизда шундай гуруҳ мавжудлигини эшитган эдим.
Пойтахтда ўқиётган бир йигит таътил кунлари қишлоғига келганида уни шундай даврага олиб борадилар. Йигит ҳушсизликда ўз онаси билан қўшилиб, сўнг ўзига келганида даҳшатга тушади ва у ердан чиқиб ўзини ўзи ўлдиради...
Демоқчимизки, сўфий бўлиш, бу юқори мартабага етишиш осон эмас. Шунинг учун айтадиларким: «Огоҳ бўл, эй сўфий! Сен аҳли ҳолдан бўлиб, «сўфий» исми билан аталдинг. Ва тариқат йўлига киришингда зурафо аҳли ҳузуринда «сўфийдир», деб фикр қилиндинг. Шул исминг ва шу йўлингда собит бўл. Чунки «сўфий» исминг тариқат йўлига кириб, Аллоҳ таолонинг хос қуллари жумласидан эканингни билдирур. Агар шул исмингда собит бўлмайин нафси ҳаволарингга берилиб, сўфий исмингга хилофлик қилсанг, қиёмат кунида бунинг уяти қандайин бўларкин!? Қиёматда ўзингни «сўфий» исмидан маҳрум қилиб, «Э, золим!» ёки «Э, фосиқ!» ёки «Э, осий!» - дея ундашар. Бундай исмлар билан ундалмоғингда чидаб бўлмас хўрликлар бордир...»
«Ишқ ичра куйиб-ёнмаганни ишққа берилган дема! Ким жонини фидо қилмас экан, уни ошиқ санама, - дейдилар ҳазрат Навоий. - Ишққа мубтало бўлган киши кўнглидан чиққан ўт вайронани ёндириб юборувчи аждар дами каби қудратлидир... Кимки Ишқ аро ўтга айланса, ажабланманг, чунки ўтга нимаики тушса, у ҳам ўт бўлиб ёнади. Ишқ бир ўт каби унинг вужудини чулғаб олади, негаки, олов атрофида айланган киши ўртанмай қолмайди. Ишқ билан ўйнашиб бўлмайди. Жисмингга ўт тушса, у сени қуюндек саргардон қилади. Ишқ осмонида қайси ёққа чақин тушса, у шу ондаёқ жонни шуъла селобига ғарқ қилиб юборади. Ишқ чақмоғи хонумонини куйдириб юборади, хонумон нима деган гап, бутун жаҳонга ўт қўяди!..»
Демак, ишқ ҳақида лоф уриш билан Ишққа етишиб бўлмас экан. Ким буни англабди -йўллари равондир. Агар сўзларнинг энг рости - Аллоҳ таолонинг Сўзи, йўлларнинг энг чиройлиги - Муҳаммаднинг алайҳиссалом Йўллари эканини билиб, бу ҳақиқатни қалбимизга муҳрлаб олсак ҳаётнинг йўлларида адашмаймиз.
Мазкур бобни Ишқнинг муҳим асосларидан бири бўлмиш банданинг бандага муҳаббати ҳақидаги шарафли ҳадислар билан якунлаймиз:
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ: «Аллоҳга қасамки, сизлар мусулмони комил бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Мусулмони комил бўлишингиз учун бир-бирингизга муҳаббат қўймоғингиз шарт. Ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлиши учун саломни ошкора берингиз ва бир-бирингизга жаҳл қилишдан сақланингиз. Чунки жаҳл - тарашлагувчидир. Яъни у сочни тарашламайди, балки динни тарашлайди.»
Бу хусусда ҳазрат Сўфий Оллоҳёр насиҳат қилиб дерларки:
Кел, э мўмин, ҳамиша хуш инон бўл,
Мусулмон бўлса ҳар ким меҳрибон бўл.
Э, мўмин муваҳҳид, сен ҳар доим мусулмонларга яхшиликлар билан ёрдам бергувчи бўл. Ҳар кишики, мусулмон бўлса, унга шафқатли бўл.
Очилғайсан ани кўрганда гулдек,
Тавозу айла хизматкор қулдек.
Мусулмонни кўрганингда юзинг гулдек очиб, табассум қил. Хўжаларнинг қулларидек тавозу билан унинг хизматида бўл.
Кишиларнинг ўзаро муҳаббати барча фазилатларнинг дебочаси саналади. Тўғри, бундай муҳаббатсиз ҳам ҳаёт кечириш мумкин ва буни ёмон турмуш кечириш ҳисобламайдиганлар ҳам бор. Аммо бизнингча, бу кишининг аста-секин ўлишидир. Агар дарахт шохи кесилса ўрнидан янги навда ўсиб чиқиши мумкин, аммо биродарлик муҳаббати жафо арраси билан арраланса кейин аслидай кўкарармикин?
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадиларким: «Неъматлар (яхшиликлар) инкор қилиниши ва раҳмдиллик узилиб қўйилиши мумкин, аммо кўнгилларнинг бир-бирига яқинлигидек нарсани биз кўрмадик.» Дейилмоқчиким: кўнгилларнинг яқинлиги мустаҳкам бўлса, инкор ҳам қилинмайди ва узилиб ҳам кетмайди. Чунки одамлардан энг аввал кўтариладиган нарса -кўнгилларнинг яқинлиги экан. Мужоҳид ибн Жубайр дейдилар: «Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобаларидан бир киши мени учратиб, елкамдан ушладилар-да: «Мен сени яхши кўраман», -дедилар. Мен у кишига: «Мени сизга яхши кўрсатган Аллоҳ таоло сизга ҳам Ўз муҳаббатини қўйсин!» - дедим. Шунда у киши Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Бир одам бировни яхши кўрса, яхши кўрганлигини унинг ўзига билдирсин», деган ҳадисларини эшитмаганимда сени яхши кўришимни ўзингга айтмаган бўлардим», - дедилар».
Нечундир биз бу ҳадисга кам амал қиламиз. Очиқ айтишга уяламизмикин? Ҳолбуки, бундай муҳаббат изҳорини мунофиқлар ўзларига байроқ қилиб олганлар. Ишлари битгунича яхши кўришларни тинмай такрорлайдилар, сўнг эса...
Алҳол бир ривоят тингламоққа ҳожат сезилди:
Бир подшоҳ отда сайр қилиб бораётганида унга бир хаёлпараст гадо ошиқ бўлиб, оҳу вовайло билан афғон бошлаб, ғавғо-тўпалон кўтарди. Минг турли нолалар қилиб, бир масканда муқим тура олмай ўзини ўчиб қолган гулхан кулига булғайверди.
Шоҳга бу маълум қилингач, у ошиқни синамоқчи бўлди. Отни гадо томонда ёниб турган гулхан сари бурди ва амр қилдики: «У гумраҳни судраб келтиринг ва бошини узинг!» Гадони судраб келтирдилар. Шоҳ уни қатлга амр этди. Бундан гадо ваҳимага тушиб, қоча бошлади. Қўрқувдан ҳуши бошидан учиб ҳар томонга югурарди. Мулозимлар эса уни қувишдан тўхтамадилар. У ловуллаб ёнаётган гулхан томон беиҳтиёр югурди ва ўзини йўқотган ҳолда ўтга тушиб, куйиб кетди.
Шоҳнинг бу имтиҳонидан мақсади шундай эди: агар гадо чиндан ҳам ошиқ бўлиб, ўз даъвосида содиқ қолса, қатл ҳукмини қабул қилиши керак эди. Шунда шоҳ отидан тушиб, ундан сўрамоқчи, аҳволидан огоҳ бўлмоқчи ва садоқати эвазига уни ўзига мусоҳиб ва яқин хизматкор қилмоқчи эди...
Расулуллоҳ (с.а.в.) «Икки киши бир-бирини яхши кўрса, уларнинг афзали шу биродарига муҳаббати қаттиқроқ бўлганидир», - деб марҳамат қилганлар (Анас ибн Моликдан). Яна марҳамат қилганларким: «Аллоҳ таоло тоатида бўлган бир биродарини Аллоҳ учун яхши кўрса ва унинг ўзига «Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман»,-деган бўлса ва иккаласи ҳам жаннатга киришга муваффақ бўлишса Аллоҳ тоатида бўлгани учунгина яхши кўрганнинг даражаси иккинчисининг даражасига нисбатан юқорироқ бўлади» (Абдуллоҳ ибн Амрдан). Яхши кўришнинг шартлари кўп. Шулардан бири - жанжаллашмаслик. Бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладиларким: «Бир-бирларингни яхши кўрсанг, у билан жанжаллашма. Ҳар иккала томонга ёмонликни қўзғатадиган ҳаракатни ҳам қилма ва унинг ҳақида суриштирма. Чунки суриштирган кишинг унинг душмани бўлса йўқ нарсаларни гапириб, ораларингизни бузиб қўйиши мумкин» (Маоз ибн Моликдан).
Низомий Ганжавийнинг «Муҳаббатсиз киши мисоли музлик, юз жони бўлса ҳам ўликдир ўлик», ҳикматлари бекорга айтилмаган. Ана шундай одамларни халқ орасида «Тирик мурда» деб ҳам атайдилар.
Биродарлар орасидаги муҳаббат мавзуини меҳр-мурувват бобида ҳам давом эттириш ниятимиз бор. Бу бежиз эмас. Инсонга ҳос бўлган барча фазилатлар Ишқ булоғидан сув ичади. Бу ҳаёт сувидан бебаҳра киши иллатлар ботқоғига ботган бўлади. Булар ҳусусида инша Аллоҳ, батафсил суҳбатлар қурармиз. Энди биргалашиб дуога қўл очайлик:
-Аллоҳ барчаларимизнинг қалбларимизни нурлантирсин! Зангларини аритсин, пардаларини олиб ташласин, ориф қул бўлмоқлик бахтини берсин. Маърифатуллоҳга, ишқуллоҳга, муҳаббатуллоҳга эриштирсин, Аллоҳ ошиқларидан бўлмоқлик бахтини берсин. Аллоҳга, динига ошиқларча хизмат қилишни ўзимизга, то қиёматга қадар туғилажак зурриётларимизга насиб этсин. Аллоҳнинг ҳузурига ўзи севган ва ўзи рози бўлган бандаси бўлиб бормоқликни насиб этсин. Раббимиз бизларни жаннати ва жамоли билан сийласин. Ризвони акбарига восил қилсин! Омийн!

 
ҲУРМАТИ ВОЛИДАЙН - ФАРЗ АЙН

Бу бобда ота - она ва фарзанд муносабатларига доир ахлоқ ҳамда муаммолар ҳақида сўз юритилади.

Ота-онасини ҳурмат қилмаган фарзанд ўз фарзандларидан ҳурмат талаб қилиши нолойиқдир, дейдилар. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Унда «қайтар дунё» деган иборага қандай қарайсиз? Имом Муслим ривоят қилган бу ҳадиси шарифдан қандай маъно уқамиз: «Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасиз».
Эндиги ривоятни кўп эшитган бўлсангиз ҳам такрорлайлик: Бир одам узоқ умр кўриб ўғлининг жонига тегибди. Ўғил отадан қутилиш мақсадида уни тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида қопга солибди-ю, орқалаб йўлга тушибди. Чарчаб бир дарахт остида тўхтаганда қопдаги отаси кулаверибди. Ўғил бундан ажабланиб, кулиш сабабини сўраганида ота дебди: «Мен ҳам отамни қопга солиб тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида орқалаган эдим. Тасодифни қарагинки, худди шу ерга келганимда мен ҳам дам олиш учун тўхтаган эдим...»
Яна бир ривоят: ўғил кўзлари хиралашиб қолган, овқат еяётганида қўллари қалтирайдиган қари отасининг иззат ва ҳурматини бажо келтирмас эди. Бир куни чол бечоранинг қўллари қалтираб, ош сузиб берилган чинни косани тушириб, синдириб қўйди. Буни кўрган келини нордон гап айтиб унинг кўнглини вайрон қилди. Ўғил эса отасини ҳовли этагидаги зах хонага кўчирди. Келин энди қайнотасига эски ёғоч косада таом берадиган бўлди. Бундан кўнгли озор топган қария вафот этиб кетган кампирини эслаб, зор-зор йиғларди. Унинг ёлғиз юпанчи ва суянчиғи беш ёшли набираси эди. Бола бобосининг ёнига келиб ўтирарди, маъсумона сўзлари, ёқимли қилиқлари билан бобосининг кўнглини овлаб, унинг ғам ва аламларини бир оз бўлса-да, енгиллатарди.
Бола қўлига пичоқ олиб бир ёғочни йўниб ўтирганида отаси: «Ўғлим, нима қиляпсан?» - деб сўради. Бола юмушидан бош кўтармаган ҳолда жавоб берди:
-Дадажон, ойим эски ёғоч косада бувамга овқат берадилар. Мен ҳам ёғоч коса ясаяпман, катта бўлганимда ойим билан сизга шу косада овқат бераман.
Гўдакнинг бу ибратли гапи отага таъсир қилди. У дарҳол зах хонада ётган отаси ҳузурига кирди, тиз чўкди, кўз ёши тўкиб, узр сўради...
Бу барчага мактаб бўлгувчи воқеа баёни. Баённинг хотимасини бу каби ижобий тарзда якунламай, «гўдакнинг гаплари отасига таъсир этмади, чол ўша зах хонада хорлик билан ўлим топди», десак ҳам бўлади. Чунки қалби тош фарзандлар ҳам бор ва уларни бир гап билан инсофга келишларига ишониш қийин. Начора, инсофга келмасалар ўзлари эккан бемеҳрлик дарахтининг аччиқ мевасини ўзлари ейдилар. Бу жазо узоқ куттирмайди. Бугун атрофларида эмаклаб юрган ширин фарзандларининг ёғоч косада таом тутиш онлари ғоят тез келганини ўзлари ҳам билмай қоладилар.
Бунга ўхшаш ибратли воқеаларни кўп эшитганмиз. Энди бўлиб ўтган ҳақиқий воқеалардан айтай:
Москва телевидениесида бир кўрсатув намойиш этилди. Саксон уч ёшдаги соғлом онани эллик етти ёшдаги ўғил жиннихонага жўнатди. Мақсад - уйга эга чиқиш. Шу кўрсатувда бир журналист аёл Чеченистон урушида кўрганларини сўзлаб берди. Грозний шаҳри рус аскарлари томонидан вайрон этилгач, кўчаларда бошпанасиз қолган ҳимоясиз қариялар нажот умидида тентираб юришаркан. Улар асосан рус миллатига мансуб қариялар экан. Улар йўлда учраган журналистларга мурожаат этишиб, Россиянинг бошқа шаҳарларида яшаётган фарзандлари, қариндошлари манзилини беришиб, уларга хабар йўллашларини ўтиниб сўрашаркан. Журналист аёлнинг ўзи ўнлаб шаҳарларга қўнғироқ қилибди, хатлар ёзибди, аммо ҳеч ким келмабди, отаси ёки онасини ёки қариндошини олиб кетмабди. Саксон ёшдан ошган кўзи ожиз бир кампирни журналист аёлнинг ўзи ҳарбийлар ёрдамида Москвага келтирибди. Шунда ҳам у муштипарни ўғли оиласи бағрига олмабди...
Шу воқеаларни баён қилиб бўлгач, журналист аёл чеченларнинг қарияларини мисолга келтирди. Уларнинг биронтаси бирон қарияни эътиборсиз қолдирмабди. Беморларни опичиб бўлса ҳам хатарли ерлардан олиб чиқишаркан. Сўнгги тишлам нонни ёки сўнгги қултум сувни қарияларга беришаркан...
Қарияларни опичиб юришларини эшитиб, шарафли ҳадисларнинг бири ёдимга тушди: Ҳофиз Абу Бакр Баззор Будайда оталаридан ривоят қиладилар: Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) «Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» - деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар».
Мазкурнинг яна бир гўзал давоми ҳам мавжуд: Абу Бурда ибн Аби Мусо Ашъарийнинг айтишларича, Абдуллоҳ Ибн Умар бир яманлик одамнинг ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам бир байтни оҳанг билан ўқиркан:
Онаи зорим учун бўйнимни эгкан теваман (туяман),
Тевага минган онам ҳорсаларда, мен чарчамам.
У шуни ўқиб туриб, Абдуллоҳга қаради-да: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мана шу хизматим билан мен онамнинг хизматини қила олдимми?» - деб сўради. «Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас», - дедилар».
Сиз эҳтимол Чеченистондаги воқеани ўзга дин ва ўзга миллатга боғлаб хулоса чиқарарсиз? Асти ундай қилманг. Чунки оқибатсиз, ноқобил фарзандларни барча миллатларда учратамиз. Ота-онасига бемеҳр, ноқобил фарзандларнинг дини ҳам, миллати ҳам йўқ, десак адашмаймиз. Фикримизнинг далили учун ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеани баён қилиш ниятимиз бор. Аммо ундан аввал яна шарафли ҳадисларга мурожаат этайлик:
Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:
-Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар.
Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келган қари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: «Ўғлингнинг гаплари тўғрими?» - деб сўрадилар.
-Ҳа, тўғри, - деди чол. - Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай - ўғлимга едирдим, ўзим киймай - ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаманда пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми?
Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: «Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим моликману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!»
Яна шу мавзуда бир ҳадис:
Бир қиз онасидан шикоят қилди:
-Онамнинг ақллари ўзларида эмас. Уйимга келиб тўполон қиладилар, тинчлик бермайдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) онани чақиртирдилар. Ғоят қари, бечораҳол она дедики: «Ё Расулаллоҳ(с.а.в.)! Сабр қилайин десам, қизим хабар олмайди. Ҳатто болаларини юбормайди. Ёлғиз ўзим пашшаларга ем бўлиб ётаман. На ўлиб қутуламан, на роҳат кўраман. Қизимнинг бепарволиги шунчалик.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
-Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром! Тавба қилсанг - қилдинг, йўқса ярим мулкингни олиб бераман.
Қиз тавба қилди...
Дерсизки, Исломнинг дастлабки йилларида динни яхши англамаганлар орасида шундай бераҳмлар бўлгандир. Эҳтимол шундайдир. Аммо «Қариялар уйи» деб номланмиш жойларда ўз ўлимларини кутиб ётган бечораларнинг болалари-чи? Бундан ўттиз - қирқ йил аввал бундай уйларда ўзбекларни кўрсак ажабланардик. Энди ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, биз ажабланиш нима экан, фарёд уришимиз керак! Отаси ёки онасини шундай жойга юборган аблаҳнинг ёқасидан олишимиз керак. Ўша аблаҳ қайси биримизнинг яқин қариндошимиз, ён қўшнимиз, ёки маҳалладошимиз, ёки бирга ишлайдиган ҳамкасбимиз-ку? Нега индамаймиз?
Эй кўнгил! Сен жамиятдаги ана шундай фожиага шоҳидсан. Нечун жимсан? Нечун бундайлар билан муроса қиласан? Нечун уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, таомидан ейсан? Сен қариялар уйидаги бечораларнинг кўзларидаги ёшларни кўрмабмидинг? «Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳлардандир», деган ҳадиси шарифни била туриб, нечун уларни огоҳ этмайсан? Ота-онага оқ бўлишнинг гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак сўзларини нега етказмайсан у нодонларнинг онгига?
Оқ бўлиш - ота-онага озор бериш, ранжитиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Ота ёки онанинг ноқобил фарзандига қараб «сени оқ қилдим», деб эълон қилиши шарт эмас экан. Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлиши, дейдилар. «Оқ бўлиш»нинг луғавий маъноси - ажралишдир. Яъни фарзанд ота-онасидан тириклайин ажраляпти, демак. «Қариялар уйи»да отаси ёки онасига жой ҳозирлаётганлар унутмасинларким, улар айни чоқда дўзахдан ўзларига ўтли жой тайёрлаяптилар. Зотан, дўзахнинг «ҳасрат қудуғи» деб номланган энг ёмон жойи ота-онасини хорлаганлар учун эканлиги мўътабар китобларда алоҳида зикр этилган.
Муборак умра сафари чоғида кўнгилларни хира қилувчи воқеа юз берди: фарғоналик бир одам онасини қутлуғ зиёратга олиб борибди. Албатта бу таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик ота-онасини шундай улуғ зиёратларга олиб бормоқликни ният қилади. Айримлар эса бу каби зиёрат ота-оналарига насиб этмай вафот этиб кетганларидан армонда юрадилар. Фарғоналик йигитнинг онасига бўлган қўпол, қўрс муомаласи барчани ранжитди. Она бечора умрида биринчи марта қишлоғидан четга бориши бўлса керак, самолётга ёки автобусга қандай чиқиш, ўтиришни билмай тараддудланади, баъзан шошиб қолади, баъзан нимагадир улгурмайди. Ўғил эса унга ёрдам бериш ўрнига дўқ уради: «мени шарманда қиляпсиз!»- дейди. Билмайдики, унинг шармандалиги онасининг ҳаракатида эмас, балки ўзининг феълида, муомаласида. Кўпчилик «онангни бу ерга олиб келиб хунук муомала қилганингдан кўра, ўз уйингда ширин муомала билан кўнглини олсанг савоблироқ бўлармиди! Онани кўпчилик ҳузурида беҳурмат қилишинг - Каъбани вайрон қилиш гуноҳи билан баробар эмасми?» - деб тўғри танбеҳ бердилар. Эҳтимол ўғилнинг асосий нияти онасини зиёратга олиб келиш бўлмагандир. Бундай дейилишга сабаб: уларнинг бу масканда қариндошлари кўп экан. Йигит улар берган совға-саломлар билан овора бўлиб қолди. Балки онани олиб келишни ўша қариндошлар талаб қилишгандир. Шу талаб бўлмаса йигит онани олиб келишни хаёлига ҳам келтирмас... Яна Худо билади...
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани судида бунданда аянчлироқ воқеага шоҳид бўлдик: ота қизини судга бериб, оғир жазо беришни талаб қиляпти. Ажабланяпсизми? Биз ҳам дастлаб ажабланган эдик, сўнг ғазабландик. Гувоҳликка келганлардан бири: «Агар одилман, десангиз бу қизни энг олий жазо - отишга ҳукм қилинг, ҳукмни халқ олдида ижро этинг. Ноқобил фарзандлар бундан ўрнак олсин!» - деди. Ўлим жазосига лойиқ кўрилаётган қиз отанинг ёлғиз фарзанди экан. Онадан ёш етим қолибди. Қизининг бахтини ўйлаб, ота бошқа уйланмабди. Қизини орзу-ҳавас билан куёвга узатибди. Хасталаниб, шифохонага ётганида нафсига банда қизи ота номидан қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб уйни сотиб юборибди. Ота шифохонадан қайтса-ки, уй йўқ... Қолгани сизга маълум. Албатта суд бу фарзандни ўлимга ҳукм қилмайди. Товламачилиги учун бир неча йилга қамар ёки аёллигини эътиборга олиб, озодликдан шартли равишда маҳрум қилар. Лекин Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. У фарзандни суд ўлимга ҳукм қилмаса ҳам у аллақачон ўлган, тирик ўликка айланган. Уни энди ер ютишга ҳам ҳазар қилади. Эсини йиғиб тавба қилса қилди, бўлмаса охирати тамоман куяди. У-ку, тавба қилар, аммо ота рози бўлармикин ундан?
Энди аввалги воқеага қайтсак: ривоят қиладиларким, бир киши Ҳажга бормоқчи бўлди. Аммо кекса онасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймади. «Устозга бораман, нима десалар шу», деб ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданий ҳузурларига келди. Шайх ҳазратлари ухлаётган эдилар. Уйғониб дедиларки: «Ушбу дам тушимда Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрдим. Дедиларки: «Ҳажга кетмоқдан кўра она ҳаққини сақламоқ сенга яхшироқдир.» Сен онангнинг ризосини истаки, Аллоҳнинг ризоси шундадир.
«Жаннат оналар оёғи остидадир», мазмунли ҳадиси шарифни эшитмаган одам йўқдир. Аммо унинг маъносини ҳамма ҳам билавермаса керак. Онасини ёлғиз ташлаб, мушриклар билан урушга отланган йигитни Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, шундай деганлар. Яъни, жаннатга тушиш учун жиҳодда жон бериб, шаҳидлик мартабасига етиш шарт эмас. Онангнинг хизматини қилиб, розилигини олсанг бас, шу топган савобинг сенга жаннат йўлини очади, дейилмоқчи. Онасини бир эмас, юз марта Ҳажга олиб бориб, бошқа пайт кўнглини ранжитувчилар шу ҳикматлар мағзини чақиб кўрсалар ёмон бўлмас.
Аллоҳнинг инсонга бахш этган илк неъмати - ота-она муҳаббати бўлади. Шу сабабли ҳам Яратган ўз бандаларидан ота-онага муҳаббатли бўлишни талаб этади. Аввалги бобдаги фикримизни давом эттирсак - Аллоҳга бўлган Ишқ билан ота-онага бўлган муҳаббат ўзаро боғланган. Яъни биринчиси бўлмаса - иккинчиси ҳам йўқ (ёки аксинча). Киши миллати ёки динидан қатъи назар Яратганни сева олса ўз ота-онасини хорлаб қўймайди. Чунки бу ўринда «севиш» Аллоҳ буйруғини бажариш билан ифодаланади.
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди у қачон вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман». (Аҳқоф, 15.)
Изоҳ шулким: мазкур ояти каримада ҳар бир инсон ота-онага яхшилик қилишга буюриляпти. Бир савол туғилиши мумкин: «Нега Қуръонда бот-бот ота-онага меҳр-мурувват кўрсатиш вожиб эканлиги уқтирилади-ю, фарзандларга меҳрибонлик қилишга буюрилган оятлар деярли учрамайди. Каломуллоҳни синчиклаб ўқиб, ўрганган кишигина ундан бу саволга жавоб топа олади. Маълумингизким, Қуръонда бирон беҳуда сўз ёки жумла йўқдир. Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонларни комил инсон қилиб тарбиялаш учун қайси фармонини неча марта такрорлашни лозим деб билган бўлса, шунча марта нозил қилган. Негаки, Яратган ўз бандаларининг жисмоний жиҳатларидан ҳам, руҳоний хусусиятларидан ҳам жуда яхши огоҳдир.
Масалан, у Зот ота-онага, хусусан онага ўз фарзандларига нисбатан шундай меҳр ато этганки, она учун энг оғир, ҳатто таҳликали давр бўлган ҳомиладорлик ва кўз ёриш даври ҳамда чақалоқни эмизиб, тарбиялаш йиллари ота-она ҳаётидаги энг бахтли дамлардир. Бинобарин, ота-онани (албатта улар агар инсоний маънавиятдан ажраб, вахшийлик даражасига тушиб кетмаган бўлсалар) фарзандига яхшилик қилишга буюраверишнинг ўзи ортиқча ишдир. Аммо фарзандлар эса ёшликларига бориб ёки ўзларининг олдиларидаги ўғил-қизлари билан овора бўлишиб, ортларидаги ота-оналарига бепарво бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун Қуръон фарзандларни тез-тез ота-она олдидаги бурчларини адо этишга даъват қилади.
Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир, чунки у фарзандини ўз суратидан кўчирилган нусха, деб англайди. Зотан, отанинг тасаввури тўғридир. Фарзанд отанинг бир жузъи, суратда, хулқ-атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Шу мақсад йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. Фарзанди ҳақида халқдан: «Тарбия қилган отасига раҳмат!» деган олқишни эшитса, севинади. Фарзанди орқали кўзлаган мақсадига етишни истайди, невара, эваралар кўриб, наслининг давом этишини орзу қилади. Бу ўринда отанинг ўғил кўрганда қувониши сабабига изоҳ бериб ўтсак: албатта ота учун қиз фарзанд ҳам ўғил фарзанд ҳам бир хилда суюмли. Иккови ҳам Аллоҳ берган улуғ неъмат саналади. Аммо ўғил фарзанд насл-насабни давом эттирувчи бўлгани учун ҳам отада алоҳида қувонч уйғонади. Қувонч сабабини қизларни камситишда деб англамаслик керак. Чунки Исломда болаларни ажратиш, яъни бирини кўпроқ иккинчисини камроқ яхши кўриш дуруст ҳисобланмайди. Башир ибн Саъд (р.а.) ўз ўғиллари Нуъмон ибн Баширни кўтариб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келдилар-да: «Ё Расулаллоҳ! Мен шу ўғлим Нўъмонга фалон-фалон нарсаларни бердим, сиз шунга гувоҳ бўлинг», - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Барча болаларингга ҳам шундай нарсаларни бердингми?» - деб сўрадилар. Башир: «Йўқ, фақат Нўъмоннинг ўзигагина бердим», - деган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Шундай қилган бўлсанг, мен бунга гувоҳ бўла олмайман, бошқа одамларни гувоҳ қил», - дедилар. Кейин: «Ўзингнинг фарзандларингнинг ҳаммаси сенга бир хилда яхшилик қилишларини хоҳлайсанми?» - деб сўрадилар. У киши: «Албатта шундай бўлишини хоҳлайман», - деган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ундай бўлса, Нўъмоннинг ўзигагина бериб, бошқаларини маҳрум қилишинг дуруст эмас», -дедилар. Имом Бухорий ҳазратлари «мазкур ҳадисдаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Мен бунга гувоҳ бўлмайман», деган сўзларидан «бошқалар гувоҳ бўлган тақдирда болаларингдан биттасига бериб, бошқаларига бермасанг ҳам бўлаверади», деган маънони англамаслик керак», - деб изоҳ берадилар. Агар биз мазкур тарбияга амал қилмасак, қариганимизда «Битта ота ўнта болани боқиши мумкин, битта отани ўнта бола боқа олмайди», деган ҳикматга рўпара келиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Зийрак бола ўзига нисбатан акаси ёки укаси кўпроқ эркалатилаётганини сезади ва бу сезги унинг қалбида оғриқли из қолдиради. Улғайганида ҳам бу оғриқ уни тарк этмайди. Ўша оғриқ унга «ота-онам буни кўпроқ яхши кўрарди, ана энди ўша яхши кўрганлари кўпроқ қарасин», деган хато фикр асосида яшайди. Афсусли ери шуки, бу хатолик кейинчалик авлоддан авлодга ўтавериши ҳам мумкин.
Фарзанднинг ҳаётига сабаб бўладиган биринчи қувват - она жисмидаги қондир. Чақалоқ шу қондан озиқланиб, ҳаётини сақлайди. («Сут билан кирган жон билан чиқади» деган мақолни «Қон билан кирган жон билан чиқади» деганимиз тўғрироқ бўлади.) Бола биринчи сўзни онадан эшитади ва ундан ўрганади. Шунинг учун ҳам биз «ота тили» демай «она тили» деб сифатлаймиз. Болани ўстиришда, тарбия қилишда отага қараганда она кўпроқ ҳисса қўшади. Шунинг учун бўлса керак, ёш болалар отадан кўра онага кўпроқ майл этадилар. Улғайганларидан кейин ҳам сирларини аввало онага айтиб, маслаҳат сўрайдилар. Она фарзанди учун ўзини фидо қилишга тайёр туради. Муовия ибн Ҳаййида (р.а.) айтадилар: «Расулулоҳдан (с.а.в.) «Эй Расулаллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?» - деб сўрадим. «Онангга», - дедилар. Мен бу саволни уч марта қайтарсам ҳам Расулуллоҳ «Онангга», деявердилар. Тўртинчи марта сўраганимда: «Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга», - дедилар. Фарзандда онанинг ҳақи отаникидан кўпроқ бўлиши бежиз эмас, «...онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтаради» (Луқмон, 14), деган ояти каримага диққат қилсак бунинг сабабини янада ойдинроқ англаймиз. Яъни она ҳомиладорлик пайтида ҳам эмизиш даври деб белгилаган икки йил мобайнида ҳам катта қийинчиликларни бошдан ўтказади. Шоирларнинг илҳомига ҳам айнан шу ҳолатлар қувват берса керак. Қадимдан то шу кунгача она мадҳида ёзилган шеърларнинг адоғи йўқ. Шулардан битта байт эслаш вақти етди: Рўдакий ҳазратлари ёзадилар:
Онангдан бош товлама, ошмасин дарди,
Ҳаёт тожи эрур оёғин гарди...
Агар она қад-қоматини бир дарахтга ўхшатсак, фарзанд шу дарахтнинг ширин бир меваси. Бир йигит она қадрига етмас эди. Она кўз ёшлари унга таъсир этмас эди. Бир куни она бешикни олиб, ўғли қаршисига қўйиб деди:
-Эй ёшлик, чақалоқлик пайтини унутган ноинсоф! Мана бу бешикни кўряпсанми? Чақалоқ чоғингда шу бешикка михланиб, тунги уйқуларни мен ўзимга ҳаром этдим. Бешикда ётганингда юзингга битта пашша ёки чивин қўнса уни қувишга имконинг бўлмай йиғлар эдинг. Мен сени хира пашшалардан асраб, бешигингни тебратар эдим. Йиғидан тўхтамасанг, сени ечиб олиб, бағримга босардим. Сени деб барча машаққатларга чидадим. Куч-қувватимни сенинг камолинг учун сарф этдим. Мана энди катта бўлиб, куч-қувватга тўлдинг. Чақалоқлик, болалик, ёшлик пайтларингни унутиб қўйдинг...
Биз бешикларни кўп кўрамиз. Аммо қачондир шу каби бешикда ётганимизни, онамиз тунлари бедор алла айтиб чиққанларини ўйлаб кўрамизми? Агар ўйламасак, эсламасак, унда ноинсоф фарзанд эканмиз. У ҳолда уйимиз тўрига бешик суратини чиздириб, остига «Унутма!» деган хитобни ёзиб қўйганимиз лозимдир?
Бир биродаримизнинг ҳикоялари ғоят таъсир қилган эди, шуни сиз, азизлар билан баҳам кўрмоқчиман:
-Ҳайит арафасида онам билан бирга бозорга тушдик. Ниятимга кўра, энг аввал онажонимга янги махси олиб бердим. Ўша ернинг ўзида янги махсини кийдириб қўйдим. Кейин кавушларини ҳам янгиладим. Сўнг таглик-патак олиб келиб кавушларига солдим. Кейин Туркияда ишлаб чиқарилган янги пайпоқ ҳам олиб бердим. Онажоним тураётганларида «энди рўмол олиб берсам, бош-оёқ сарпо қилган бўларканман», деб ҳазиллашдим. Онам “ҳа, ҳа” деб кулиб қўйдилар. Гап-сўзларимизни эшитиб турган махсидўз “Онахон, бу йигит ўғлингизмилар?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар онам. Шунда махсидўз ”Ҳозир жуда улуғ иш рўй берди. Розилик билан шундай жилмайдингиз-ки, мана шу кулгингиз ўғлингиз учун еру осмоннинг гулга тўлганидан ҳам яхшироқ бўлди. Дунёда Аллоҳга иймон келтиргандан кейин ота-онанинг хизматини қилиб, дилини хушнуд этишдан улуғроқ иш борми?! Кўриб турибманки, ўғлингиз хизматингизни сидқидилдан қиляпти, мен бу ишларга қиёматда гувоҳлик бераман, ҳозир шу ерда фарзандингиз ҳаққига дуо қилинг, чунки шу соатда Аллоҳнинг даргоҳи очиқ турибди, иншааллоҳ!” деган гапларни айтди. Мен махсидўзнинг оддий одам эмас, балки илм эгаси эканини англадим. Гапларидан қалбим сел бўлиб оқди. Онажоним шу бозорнинг ўртасида узоқ дуо қилдилар... Ўша воқеадан сўнг қачон онамнинг хизматларини қилсам, аввал ҳеч ҳис этмаганим бир ажиб улуғворликни сезадиган, чарчоғим тарқайдиган, таним роҳатланадиган, дилим яйрайдиган бўлди. Ишқилиб Аллоҳим мени бу роҳатдан бемаврид жудо этиб қўймасин-да...
Бу ҳикоя кишини ўйга толдиради: тасаввур қилайлик, айни дамда қанча ота-она совуқ уйларда, совуқ ёлғизликдан ёки фарзандларининг совуқ муомалаларидан дийдираб ўтирибдилар экан? Қани эди, ўша совуқ муомалали фарзандлар шу йигитдан озгинагина ибрат олишса-ю, дуогўйларининг қадрини билишса, жаннатлари йўлларини топиб олишса.
Битта ҳақиқат бор, унутмаслик керак: ким ота-онаси дуосидан маҳрум бўлибди, жаннатдан маҳрум бўлибди. Аллоҳ сақласин!
Ота-онанинг фарзандга меҳри фитратида - яралишида бор, десак хато қилмаган бўламиз. Бундай меҳрни биз ҳатто жониворларда ҳам кўрамиз. Далада кузатган эдим: она совлиқ боғланган. Қўзичоқ ўйнаб юрибди. Бир маҳал ўзидан каттароқ қўзи билан сузишмоқчи бўлди. Бундан совлиқ безовта бўлиб маърайверди. Арқондан қутилишга уринди. Қўзиси биқинидан бир-икки зарба еб йиқилгач, совлиқ қаттиқ силтанди-да, арқонни узди. Бу ҳолатни «она меҳри арқонни узди», деб сифатласак ҳам бўлар. Сиз ювош кўринган мушукнинг боласини олишга уриниб кўринг-чи, таламасмикин?
Оналарга хос бўлган меҳр фақат ўз фарзандларига аталмаган. Улар бегоналарга, ҳатто дин ва миллатини фарқламай меҳр кўрсатадилар. Дейлик, бир мусофир сизникида қўноқ эканида хасталаниб қолди. Албатта сиз унинг ҳолидан хабар оласиз. Аммо онангиз ёки бувингиз сиздан кўра кўпроқ ачинадилар. Даволаш учун зарур ҳамма чораларни бажарадилар. Мусофир миннатдорлик белгиси сифатида ҳадя берса олмайдилар, шундай эмасми? Бу ҳам она қалбидаги меҳрдан.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ўзбек киночилари Ҳамза ҳақида кўп қисмли бир фильм ишладилар. Ёлғонга асосланган бу бемаъни томоша Москва телевидениесида ҳам кўрсатилди. Шу томошада бир воқеа бор: Ҳамзанинг рус хотини ҳомиладор бўлади. Ўзбек аёллари уни ўраб олишиб қийнашади... Бу фожиани кўриб даҳшатдан сесканиб кетдим. Даҳшат ўзбек аёлларининг зулмида эмас, даҳшат ёлғоннинг экранда бу қадар уятсизларча акс этишида эди. Мен ўша пайтда Москвада, рус адиблари билан дастурхон атрофида ўтирган эдим. Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Ҳамкасбларга бу воқеанинг туҳматдан иборат эканини айтмоққа чоғланганимда улардан бири мушкулимни осон қилди: «Ҳомиладор аёлни фақат ақлдан озган эркак қийнаши мумкин. Ақлдан озган аёл ҳам ҳомиладорга бунақа зулм қилмайди», деди. Бу воқеани эслашимдан мақсад: фитратида меҳр бўлгани учун оналардан зулм кутмаймиз.
Аммо... Қани эди, ҳаётда шу «аммо» бўлмаса... Ҳаётда фарзандидан кечувчи нопок оналар ҳам бор, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинувчилар ҳам бор. Жамият фақат ўз нафси учун яшаётган, ароқхўр ёки фоҳишаларни «она» деган шарафли номдан маҳрум қилади. Айримлар болани туғиб
сўнг ундан юз ўгирадилар. Айримлар эса болани туғилмасидан аввал ўлдирадилар. Буни тиббий тилда «аборт» дейишади, биз «қотиллик» десак тўғри бўлади. Отасини ўлдирганлар «падаркуш» дейилади, фарзандини ўлдирганлар-чи? «Фарзандкуш»ми? Афсуски фарзандкушларга бу ҳаётда, бу жамиятда жазо йўқ. Қиёматдаги жазо эса тайин. Фарзандини ўлдирувчилар ёки кечувчилар ўз гуноҳларини, аниқроқ айтсак бузуқликларини беркитиш учун шундай ёвузликни амалга оширадилар. Жоҳилият замонида араблар кўп фарзанд кўрсалар «боқа олмаймиз», деб ўлдирар эканлар. Аллоҳ бундай бандаларга қараб: «...болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз. Биз сизларни ҳам уларни ҳам ризқлантирамиз», деб амр қилади. Бу ояти карима фақат ўтмиш арабларига эмас, бугун «аборт» деб аталмиш қотилликдан қайтмаётган аёлларга ҳам тааллуқли. Ана шундай иймонсиз аёлларга Саҳл ибн Ҳанзалиянинг (р.а.) сўзларини ибрат сифатида эслатсак: у зот ҳеч фарзанд кўрмаган эканлар. Аллоҳга муножот қилиб дер эканларки: «Аллоҳ таоло менга чала туғилса ҳам бир фарзанд берса-ю, кейин уни раҳматига олса ва мен фарзанд доғига сабр этиб, шунга Аллоҳдан бўладиган савобни умид қилсам, бу мен учун бутун дунёдан ва ундаги ҳамма нарсалардан ҳам яхшироқ бўлар эди...»
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида бир шеър анча машҳур эди. Шарқ афсонаси асосида ёзилган бу шеър ҳатто тўйларда ҳам ўқиларди. Афсуски, кейин-кейин унутилди. Шеърнинг мазмуни билан қисқа тарзда бўлса-да, танишсак:
Кўп наслдан наслга ўтган бир афсона бор,
Ёлғиз она ва ўғил яшар эди бахтиёр.
Балоғат ёшига етган йигит кунлардан бир кун гўзалга ошиқ бўлиб ўзини йўқотади. Қиз йигитнинг севги изҳорини эшитиб: Қиз дедики йигитга: Севгинг бўлса ҳақиқат, шуни албат қилиб кел: онангнинг юрагини менга олиб кел! ...йигит бўлди сарсари, тўрт томонга югурди, чўлдан топиб бир ҳайвон юрагини суғурди! Шошиб, бўлиб умидвор, йўлларда оқизиб қон, яна қиз қаршисида бўлган эди намоён. Қиз анойилардан эмас экан, йигитнинг найрангини фаҳмлабди-да: қиз ўшқирди ва деди: келтирмабсан менга керагини, кет, кўринма кўзимга, келтирмасанг менга онангнинг юрагини! Йигит яна сарсари кезади. Охири онага бўлган муҳаббатидан қизга бўлган севгиси устун чиқади-да, она кўксига ханжар уради. Юракни суғуриб олади. ...йўлда кетаркан, оёқлари чалишди ва меҳрибон онанинг юраги тушди ерга. Шунда шўрлик онанинг юраги кирди тилга ва деди қаршисидаги ўғлига: «Жоним болам, ёмон йиқилмадингми? Қарагин, соғми танинг, эт-бетинг?..» ...Шунда йигит тахта бўлиб қотиб қолди, Қанча югурса ҳам қизга етолмай ётиб қолди...
Ота ва онанинг болага бўлган меҳри илоҳий тарзда қалбга сингдирилган бўлса-да, бу меҳрни қувватлантириш учун Расулуллоҳнинг ахлоқларидан ибрат олишимиз лозим.
Дарро ибн Озибдан (р.а.) ривоят қилинишича, у киши: «Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) имом Ҳасанни елкаларига миндириб: «Эй Раббим! Мен бу набирамни севаман, Сен ҳам уни севгин!» деб келаётганларини кўрган эдим», - дедилар.
Анас ибн Молик (р.а.) айтадилар: «Ҳазрати Оишага (р.а.) бир бечора хотин тиланиб келди. Оиша унга учта хурмо берган эдилар, у ёнидаги икки боласига биттадан хурмо берди-да, биттасини ўзи учун олиб қолди. Болалар хурмоларини еб бўлишиб, яна оналарига умид билан қарашди. Она қўлида ушлаб турган хурмони иккига бўлди-да, болаларига узатди. Расулуллоҳ (с.а.в.) келганларида Оиша бу воқеани ул жанобга айтиб берган эдилар, Сарвари коинот (с.а.в.) дедилар: «Сен бунга нима учун ажабланасан? Икки боласига марҳамат, меҳр-шафқат қилгани учун Аллоҳ таоло ҳам унга марҳамат қилади».
Мазкур ҳадиснинг мағзини чақсак, Аллоҳ таолонинг марҳамати дейилганда Унинг ажри, яъни, ота-онанинг қариганида фарзандлари туфайли кўрадиган роҳати-фароғати назарда тутилган, деган маъно чиқади.
Ҳазрати Оиша онамиз (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ ҳузурларига бир аъробий келиб: «Сизлар ёш болаларингизни ўпасизми? Бизларда бундай одат йўқ», - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Аллоҳ таоло сенинг кўнглингдан раҳматини тортиб олган бўлса, уни мен қандай қилиб сенинг кўнглингга жойлай оламан», - дедилар.
Таъкид сифатида остига чизиб қўйилган сўзларга эътиборимизни қаратайлик, шунда оз бўлса-да учраб турадиган айрим ота ёки оналарнинг ўз фарзандларига нима учун бемеҳр эканликларининг сабабини англагандай бўламиз: демак Яратган Раббимиз уларнинг кўнглидан раҳматни тортиб олиб қўйган экан. Бундайлар келажакда қандай ажр олишларини ўйлаб кўришармикин? Йўқ, ўйлашмаса керак. Чунки раҳмат тортиб олинган кўнгилларда иймон бўлмайди. Фақат иймонсиз одамгина ўз фарзандидан кечади. Етимхоналардаги тирик етимларнинг ота-оналарини «ота» ёки «она» дейилмиш шарафли ном билан аташга тил ҳам ҳазар қилади.
Ривоят қилурларким, ҳазрати Умар (р.а.) бир мўътабар одамни шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлдилар. Котиб фармонни ёзишга киришган онда бир гўдак кириб амиралмуслиминнинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркаладилар.
Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб:
-Бу гўдак ўз ўғлингизми? - деб сўради.
-Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман, - дедилар ҳазрати Умар.
У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканликларига ажабланиб, деди:
-Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?
Халифа бу сўзларни эшитиб, ёзилган фармонни олиб йиртиб ташладилар-да дедилар:
-Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?
Афсусларким, орамизда «бола отадан қўрқиб, зириллаб туриши керак», деган нотўғри қоидага риоя қилувчилар ҳам топилади. Агар умр бўйи болаларини шундай тутишга интилган одам вафот этса, фарзандлари «қутулганимизга шукр», дейишмасмикин?
Яна шарафли ҳадисларга қайтсак:
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ бир куни набиралари имом Ҳусайнни ўпдилар. Бу вақт ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис ўтирган эдилар. У киши: «Менинг ўнта болам бор, улардан биттасини ҳам мен ўпган эмасман»,- дедилар. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қарадилар-да, дедилар: «Марҳаматли бўлмаган кишига Аллоҳ таоло ҳам марҳамат назари билан қарамайди».
Бугун ўз фарзандларига меҳр беролмаганлар қариганларида хорлансалар бошқалардан ўпкаланмасликлари керак бўлади.
Кўрдикки, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳам улуғ экан. Болани дунёга келтириб қўйган билан иш битмайди. Ота-онанинг фарзандларига илм ва яхши ахлоқ тарбиясини, хусусан бадан тарбиясини ҳам бериш, жисмонан чиниқтириш, хусусан сузишни ўргатиш каби вазифалари бор. Ота-она болани одобли, ахлоқли қилиб вояга етказганлари учунгина олқишга сазовор бўладилар. Ота-онанинг бурчлари ҳақида гап кетганда, фарзандга чиройли исм қўйиш масъулиятини, вояга етганда уйлантириш (куёвга узатиш) вазифасини вақтида бажаришлари шартлигини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. Баъзан эшитиб қоламиз, айрим ота-оналар турли баҳоналар билан бу вазифани галга солаверадилар. Оқибатда ўғил никоҳсиз уйланиб олади, қиз ҳомиладор бўлиб қолганини айтишдан бошқа чораси қолмайди. Бундай бўлишдан Аллоҳ сақласин! Ота-оналик бурчини тўғри адо этганларни Аллоҳ турли балолардан ва маломатлардан, беномусликлардан асрайди. Агар ота-она ўз бурчини бажармаса охиратда фарзанднинг даъво қилиши ҳам айтилган. Даъво нималардан иборат бўлиши мумкин? Гуноҳ дафтари тўлиб тошган одам ота-онаси ёқасига ёпишиб дейиши мумкинки: «Ё Раббим, мен бу ота-онамга даъвогарман. Менга Исломни ўргатмади. Мени театрга юборди, лицей, коллежга юборди, масжидга юбормади. Чет тилни ўргатди, Қуръони Каримни ўргатмади. Америкада ўқитди, аммо «ла илаҳа иллоллоҳ»ни ўргатмади. Ҳалол-ҳаромни англатмади. Шунинг учун мен сенга қуллик қила олмадим. Булар айбдордир...» Шундай бўлишидан барчаларимизни Аллоҳ сақласин! Айрим бандаларнинг эса ўлганидан кейин нуфузи кўтарилиб қолар экан. Шунда у ажабланиб: «Эй Раббим, бу даражамнинг кўтарилиши нимадан ҳосил бўлди?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ томонидан маълум этилар эканки: «Эй бандам, орқангда қолган бола-чақаларингнинг сен учун қилган истиғфорларининг натижасидир». Аллоҳ барчаларимизга шундай ажр насиб этсин!
Қиёматда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин экан. Абаса сурасида таъкид этилганки, айрим инсонлар қиёматда ота-онасидан қочар экан. «Уларга муносиб хизмат қилмадим, энди ҳақларини талаб қиладилар», деб қўрқиб, изтиробга тушар экан. Ана шу изтиробнинг олдини олиш учун киши ҳаётлик даврида ҳаракатини қилиб қолиши керак. Олимларимиз бу мавзуда суҳбат юритганларида Исро сурасидаги ояти каримани албатта тилга оладилар. Биз ҳам бу анъанадан четда қолмайлик:
«Раббинг фақат Унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема,
уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ила ҳокисорлик қанотингни пастлат ва «Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».
Бу амр Аллоҳнинг қатъий ва ўзгармас буйруғи. Бу буйруқни бажариш ихтиёрий эмас, балки ҳар бир банданинг бурчи. «Уфф» сўзига боғлиқ икки маъно бор: 1. Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилмаслик. Мисол учун: ота-она иш буюрганда «уфф, тинч қўймас экансизда», ёки «уфф, шу гапларингиз ҳам жонимга тегди» ёки «уфф, сизга ҳеч тушунтириб бўлмас эканда» каби норизоликни ифода этишни Яратган бизга ман этяпти. 2. Ишдан чарчаб қайтдингиз, ёки кўнглингиз бир нимадан ғаш. Ўзингизча «уфф» деб қўйдингиз. Билмайсизки, шу «уфф»ингиз билан ота-онангиз қалбини тилиб юбордингиз. Уларнинг «болам оғир синовга тушибди», деб озорланганларини англамадингиз. Энди улар кунлаб, балки ойлаб кўзларингизга термилиб, паришонлик булутининг кўтарилишини кутадилар. Сиз ўзингизга учраган пашшадай ташвишни биргина «уфф» билан фил ҳолатида катталаштириб ота-онангизга узатдингиз. Демак, биз ота-онамизни ташвишимизга шерик қилмаслигимиз керак экан. Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик ҳокисор тутса, шунча яхши.
Аллоҳ буюрадики, «...ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар». Эҳсонга лойиқлар орасида ота-она бекорга биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Кишининг ўзидан кейинги ҳақдори ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга эҳсон қилишдан нима фойда бор? Қишлоқлардан бирида бу воқеага гувоҳ бўлган эдик. Биродаримизникида меҳмонда эдик. Қўшниси эҳсонга таклиф этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим «у ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар», деб изоҳ берди. Мен «меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир», деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан «доим шу уйда яшайдиларми?» деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан ҳижолат бўлибми, аста «ҳа», деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Биз ҳам ваҳима қилмоқчи эмасмиз. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан даҳшат, айнан ёвузлик деймиз) кўз юма олмаймиз. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми?
Бир биродаримиз кўзида ёш билан айтиб эди: отаси хаста экан. Катта акаси ақиқа маросимига тайёрланаётган экан. Бизда бунақа одат кўп учрайди. «Отам (ёки онам) кўриб қолсинлар», деб тўй ёки бошқа маросимни тезлатамиз. Бу албатта яхши ният. Аммо бу ният ортида «отам (ёки онам) ўлиб қолса тўйим қолиб кетади (ёки тўйга атаганларим азага ишлатилиб кетадими) деган ҳадик ҳам бўлади, буни яширмайлик. Хуллас, биродаримизнинг акаси ақиқа дастурхонига олинажак неъматларни рўйхат қилиб ўтирганида хаста ота «қуюлтирилган ширин сут ҳам олиб келгин», деб илтимос қилибди. Шунда нодон ўғил ўйламай-нетмай «Бунақа сут ҳозир отлиққа йўқ, қаердан топаман», дебди. Хаста ота индамабди. Ўша пайтда бу нарсанинг топилиши чиндан ҳам қийин эди. Аммо ўғил отанинг кўнгли учун «албатта топамиз», деса кифоя эди. «Худонинг марҳаматини қарангки, - дейди биродаримиз, - акамнинг бу гапларидан ранжиб турганимда бир дўстим дадамни йўқлаб, иккита нон билан ўша сўралган ширин сутдан олиб келди. «Мана, дада, сўраганингиз, очиб берайми?» деб сўрадим. Дадам банкани қўлларига олиб худди гўдак бошини силагандай силардилар-да, «кейин очасан», дедилар. Ақиқадан сўнг дадам ҳушларини йўқотдилар ва кўп ўтмай бу фоний дунёни тарк этдилар. Аёллар дадам истаган қуюлтирилган ширин сутни очиб, ширинликлар пишириб маърака дастурхонига қўйдилар...»
Шунга ўхшаган воқеалар оз бўлса ҳам учраб туради-ки, ундан кўз юммоқлик мусулмон боласига хос эмас. Ота-оналарини иззат қилувчиларни ҳаётда кўп учратамиз ва бундан кўнгилларимиз шодланади. «Менинг фарзандларим ҳам шундай солиҳ бўлсин», деб ният қиламиз. Ният қилишимиз албатта яхши, аммо шунинг ўзи кифоя эмас. Фарзанднинг олижаноб, фазилатли бўлиши фақат унинг насл-насабига ҳам тааллуқли бўлиб қолмайди.
Қадимда ўғриларнинг қўллари кесилганини эшитганмиз. Шундай ўғрилардан бири ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшо ҳузурига келиб тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:
-Отамни жиноятлари учун қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўлмаса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг.
Подшо бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга:
-Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, - деди.
Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди:
-Отажон, сира қўрқманг, мен подшога «Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг», деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади.
Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшо ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшонинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармар тош тикланди-да, бу сўзлар ўйиб ёзилди:
«Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она қандай бахтиёрдир...»
Бу мармар тош фарзанд меҳрига қўйилган ўзига хос рамзий ҳайкалдир. Ҳаётда ҳеч ерда бундай ҳайкал йўқ. Аммо ота-она фарзандидан озгинагина меҳр кўрса ҳам унга ўз қалби тўридан битта ҳайкал тиклайди. Бу ҳайкалнинг номи - шукроналик. Ота-онасини рози қилган фарзандга эса Тубо (жаннатлардан бири ёҳуд ундаги бир дарахт номи) насиб бўлиши, Аллоҳ таоло умрини зиёда этиши ҳақида шарафли ҳадисда марҳамат қилинади. Ҳазрат Навоий таъбирлари билан айтилса - «Ҳурмати волидайн - фарз айн». Ота-онани ҳурматлаш - бажарилиши ўта зарур амалдир.
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Тайсала ибн Миёсдан «Дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?» деб сўрадилар. «Албатта хоҳлайман», дедилар Тайсала. «Ота-онанг тирикми?» - деб сўрадилар. «Отам вафот этганлар, аммо онам борлар», дедилар Тайсала. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар дедиларки: «Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг об-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан», - дедилар.
Агар эътибор қилсак, бу ҳикматнинг асоси ҳам «Жаннат оналар оёғи остидадир», ҳадиси шарифи эканини англаймиз.
Ривоят қиладиларким, Марвон ибн Ҳакам Мадинадан бир жойга сафарга кетганларида ўз ўрниларига Абу Ҳурайрани қолдириб кетардилар. Абу Ҳурайра Зул-Ҳулайфада туриб, ўзлари бир хонада, оналари эса бошқа хонада яшардилар. Абу Ҳурайра қачон ўз хоналаридан ташқарига чиқадиган бўлсалар, оналарининг эшиги олдига келиб салом берардилар-да: «Мени ёшлигимдан тарбият қилганингиз учун сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин», - дер эдилар. Оналари ҳам у кишининг саломларига жавоб қайтариб: «Катта бўлганингда менга яхшилик қилаётганинг, розилигимни олаётганинг учун сенга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин», дер эдилар. Абу Ҳурайра ташқаридан қайтиб келганларида ҳам она-бола ўртасида шу муомала такрорланарди.
Эй кўнгил! Бу гўзал муомала сенда ҳам борми? Бор бўлса, умринг армонсиз ўтажак. Йўқ бўлса-чи? Аввал айтгин: нима учун йўқ? Ўнтагина сўзни айтишга тилинг нима учун айланмайди? Сенга нима тўсқинлик қилади? Эҳтимол онангни қаймоқ билан боқишга пулинг йўқдир. Қаймоқ сўзинг-чи? Асал сотиб олишга пулинг етмас, аммо асал каби тотли дуо учун ниманг етишмайди?
Не шодки, бизнинг юртимизда ота-онасини ҳурмат қилувчилар кўп. Камина истиқомат қилувчи «Илғор» маҳалласида Япония мамлакатидан келган бир ёш олим ижтимоий тадқиқот олиб борди. У маҳалладаги барча маросимларда иштирок этишга ҳаракат қилди. Унинг зийрак фаҳми фарзандларнинг ота-оналарини беқиёс тарзда ҳурмат қилишларини англабди. Бир куни у билан суҳбат чоғида дунёга машҳур япон адибларининг асарларидан гап очдим.
-Ҳа, Япония улуғ ёзувчиларга бой мамлакат. Менинг юртим илм-фанда ҳам илгарилаб кетган, - деди у. - Аммо ҳар бир халқ илм-фанда ёки адабиётда худди шундай, балки бундан ҳам аълороқ ютуққа эртами-кечми эришиши мумкин. Лекин сизнинг халқингиз эришган бойликка ҳамма ҳам эриша олмайди. Айниқса ҳозирги кунларда, ҳамма нарса илм-фан тараққиёти мезони билан ўлчаниб, маънавий оламдан узоқлашилаётган асрда қийин, ғоят қийин. Мен фарзандларнинг ота-оналарига меҳрибонлигини назарда тутяпман. Бу мен учун янги оламдай туюляпти. Чунки мен бу оламни йўқотганман. Ҳозир ота-онам хаста. Акам қўшни оролда яшайди. Лекин бир неча ойлаб келиб кўролмайди. Келса, ишдан қолади. Ишдан қолса, вазифасидан ҳайдалади...
Япониялик меҳмон шундай деб хўрсиниб, кўзига ёш олган эди...
Ота-она орасида баъзан келишмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Масалан ота-она бир иш буюрса фарзанд бу ишни тўғри ҳисобламай рад этиши мумкин. Бунда ҳам албатта ота-онанинг кўнгли ранжийди.
Саъд ибн Аби Ваққос дедилар: «Аллоҳ таоло Қуръони Каримдан тўрт оятни менинг ҳақимда туширди. Онам: «Сен Муҳаммаддан ажралмагунингча мен ҳеч нарса емайман ҳам, ичмайман ҳам» деб қасам ичган эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат қилма, Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин» (Луқмон сураси,15.), деб буюрди.
Шайхлар дебдиларким: «Волидука - роббука», яъни отанг - парвардигорингдир. Дейилмиш бу маънодан ширк кўрилмаслиги, аксинча, «тарбиячи Аллоҳга итоат этганинг каби ота-онага ҳам итоатда тургин», дейилмиш маънони уқмоқ жоиз. Аллоҳнинг инсон тарбиясига оид амрини болага энг аввало ота-она етказади. Бу ўринда «роббука» - тарбиячи эканига ишора ҳамда масъулият юки ҳам англашилса дуруст бўлар. Халқда «Ҳаким ота» номи билан машҳур зотлардан Ҳаким Сулаймон «ота - қодири қаййум, она - розиқи марсум», деган эканлар. Яъни ота Аллоҳнинг абадий қудрат эгаси сифатига, она эса Аллоҳнинг барча жонзотга ризқ берувчи сифатига ўхшатиляпти.
Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато қилса доғи ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай Худо.
Туркигўй шоирлардан Адиб Аҳмаднинг бу насиҳатини ёдлаб олсак-да, отамиз ёки онамизга бетгачопарлик билан гап қайтаришга чоғлаганимизда эсласак, балки уларнинг кўнглини оғритиб қўйишдан сақланармиз.
Nom: Re: Odamiylik mulki (Ahloq kitobi) Tohir Malik
Yuborildi: Ansora 05 Fevral 2010, 16:19:17
Иброҳим Халилуллоҳнинг оталари бут йўнувчи уста Озар эди. Иброҳим алайҳиссалом оталарини бутпарастликдан қайтариш учун насиҳат қилган вақтларида нидо келдиким, таъзим ва мулойимлиқ билан насиҳат қилғил. Ва Юсуф алайҳиссалом оталари Яъқубга (алайҳиссалом) хатолик билан одобсизлик қилганлари учун бошқа пайғамбарлардан етмиш йилдан кейин жаннатга киришга ҳукм этилдилар. Юсуф алайҳиссалом қандай одобсизлик қилибдилар экан? Оталари билан кўришаётганларида отдан тушмай сўрашган эканлар! Нуҳнинг (алайҳиссалом) ўғиллари Хом ҳам одобсизлиги туфайли отанинг дуойибадига учради: ранги қора бўлиб, унинг наслидан пайғамбарлик узилди. Хом қандай одобсизлик қилиб эди? Нуҳ алайҳиссалом кемада ухлаб ётганларида шамол кўтарилиб, уят жойлари очилиб қолганини кўриб кулган эди!
Пайғамбарларки ота-она ҳузурида итоат этар эканлар, бизнинг итоатимиз хусусида сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳадиси шарифда таъкид этилганидек, агар улар биз - фарзандларга «дунёдан кеч», дейишса ҳам ҳурматлари учун буйруқларини ижро қилишга мажбурмиз. Жаннат йўли шудир. Афсуским, орамизда жаннатга ишонмайдиганлар ҳам топилади. Уларга деймизки, ота-она розилигини ололмасангиз шу дунёнинг ўзидаёқ жабр кўрасиз. Аввало, ота-онасини хорлаган одамни жамият иззат қилмайди. Бу одам жамият назаридан қолади ва бундан ортиқ хорлик бўлмас. Қолаверса, яна такрор айтамиз, ўзининг фарзандлари ҳам уни хорлайди. Хорланиб, азобланиб тезроқ ўлишни истайди. Лекин Аллоҳ унга ўлим бермайди. Ана шундай хорланган одамлар бизларга ўрнак бўлишлари керак.
Расул алайҳиссалом минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб «омийн» дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна «омийн» дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам «омийн» дедилар. Минбардан тушганларида саҳобалар «Ё Расулаллоҳ! Хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима сабабдан уч марта «омийн» дедингиз?» - деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил алайҳиссалом келиб «онаси ва отаси ҳаётлик вақтида ёки булардан бири ҳаёт бўла туриб, уларнинг розилигини олиб, жаннати бўла олмаган ва бу имкониятни бой берган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин!» - дедилар. Мен ҳам «омийн» дедим» - дедилар.
Бундан мурод: бир фарзанднинг онаси ва отаси ёки улардан бири ҳаётлигида уларга хизмат қилиб, дуосини ололмасдан, жаннати бўлолмаганларнинг ҳолига вой, деган маъно бор.
«Ҳоли вой» бўлаётганларни кўрмаймизми? Ёки кўриб кўрмаганга оламизми? Қайнона-келин можаросини ҳал этиш учун ҳовлини бўлиб олган фарзандлар йўқми орамизда? «Ота-онам болалигимда менга яхши қарашмаган» деб нолиб юрувчи ношукрлар-чи? Совет даврида болалар ва ёшлар узоқ йиллар мобайнида отасини сотган оқпадар Павлик Морозов мисолида тарбия қилинган эди. Ана шу аҳмақона тарбиянинг доғлари бутунлай ювилдими?
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан мисол: қариб қолган отанинг бир ўғил ва бир қизи бор. Ўғилнинг турмуши тўкин, жамиятдаги мавқеи ҳам баландроқ. Қизининг оиласи бир амаллаб кун кўради. Ота хасталаниб касалхонага тушганида бу фарзандларнинг меҳр-оқибати аниқ кўринади. Ўғил ишда банд эканлигини баҳона қилиб кам келади. Ўғилнинг меҳри шундай бўлгач, оиласиники қандай бўларди? Қиз эса кунда икки-уч қатнайди. Шунда ота қўлларини баланд кўтариб қизни дуо қилади. Қиз кетгач, жони узилади. Ўша дуо - отанинг розилиги эди. Аллоҳ ҳам ундан рози бўлди. Ўғилнинг оиласидан барака кўтарила бошлади. Бошига кўп ташвишлар тушди. Қариганида фарзандлари ёнида бўлса ҳам, сутга ивитилган бир қошиқ нонни оғзига тутгувчи меҳрибон топилмади. Касалхона фаррошининг қўлида жон берди. Фаррош мусулмонлик қоидаларини билмагани сабабли жағлари, оёқ-қўллари боғланмай, ғассолни ҳам анча қийнади. Ғассол қанча уринмасин, жағ очиқлигича кетди. Қизнинг оиласи эса кундан кун яшнай берди. Қиз кексалик ёшига етганида, хасталанганида фарзандлари қўлларида кўтариб юрганларини ўзим кўрдим. Жон беришлари ҳам мўъжиза каби юз берди. Фарзандлари даврасида, гапларидан адашмай, яхши насиҳатлар қилиб, бир нафас билан енгилгина жон бердилар. Иккинчи мисолга ўтишдан олдин диққатимизни бир нарсага қаратайлик: шу кунларда, шу дақиқаларда ҳам кимнинг отаси ёки онаси шифохонада ётгандир. Уларни йўқлаб ҳар куни боряпмизми? Билишимиз жоизким, уларга докторнинг дориси эмас, бизнинг иссиқ юзимизни кўриш даводир. Кунда бир борамизми? Нима учун икки марта бормаймиз? Борганда ҳам неча дақиқа ўтирамиз? Ўн дақиқами ё ярим соатми? Ҳа... биз ишга банд одамлармиз. Ишимиз кўп. Энди диққат қилайлик: ишимиз кўп, аммо ота-онамиз кўп эмас. Биттагина! Бугунги ишни эртага бажарсак ҳам бўлади. Бугунги мажлисга кирмаслик ҳам мумкин. Бироқ, ота-она ғанимат, бугун кўргани келолмасангиз эртага иссиқ юзларини эмас, совуган жасадларини кўришингиз мумкин. Ҳар нафас ғанимат, ҳар дақиқа ғанимат. Дийдор онларини қўлдан чиқарсангиз то ўлгунингизча армонда яшайсиз. Қиёматда қандай ҳолда дийдор кўришасиз? Жаннатда жам бўласизми ота-онангиз билан ёки дўзахда армон ўтида ёнасизми?
Азизим, эҳтимол шу сатрларни ўқиётганингизда отангиз ёки онангиз шифохонададирлар. Аллоҳ уларга шифо берсин. Сиз эса... қўлингиздаги китобни қўйинг. Уларнинг ҳузурларига боринг, дуоларини олинг. Эҳтимол ота-онангиз соғдир (ҳамиша соғ бўлсинлар), аммо бошқа маҳаллада ёки бошқа шаҳарда яшашар. Сиз ҳам китобни қўйинг, уларни йўқлашга шошилинг. Бошқа шаҳарда бўлишса қўнғироқ қилинг, ёки икки оғиз ширин сўзингизни оқ қоғозга тушуриб йўлланг. Бу ҳам савоб.
Бир хонадонда чол-кампир ёлғиз қолишган. Ҳолбуки, бу хонадон аввал гавжум эди. Шу хонадонда етти фарзанд туғилиб ўсди. Тўйлар қилинди. Бу хонадон эгасининг онаси бўларди. Кекса кампир анча азият чекарди. Ўғил онасини очиқдан очиқ беҳурмат қиларди. Унга қараб набиралар ҳам бувиларини хорлашарди. Ўғил онасига «сен мени болалигимда етимхонага бергансан! Буни ҳечам кечирмайман», деб даъво қиларди. Она ўзини оқламасди, фақат кўз ёши тўкарди. Тарихдан маълум, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ғоят оғир қаҳатчилик бўлган. Кўчаларда очдан ўлганлар қалашиб кетган. Ўшанда она бева қолиб, ўғлини ўлимдан сақлаб қолиш учун етимхонага беришга мажбур бўлган. Кейинчалик турмуш қургач, фарзандини яна бағрига олган. Шундай бўлдики, кампир сўнгги умрини ҳасратда ўтказиб, ўғлидан норизо кетди. Тилга чиқариб «сендан розимасман» демаган бўлса-да, ҳар ҳолда ўғлини, келинини, набираларини хайрли дуо қилмади. Ва бунинг оқибати тез кунларда кўринди. Ажабланарли томони шуки, бугун қарилик ёшида ёлғизликдан қийналаётган бу чол-кампир, йўқлаб келганларга ҳасрат дафтарини очадилару аммо нима сабабдан бундай хорликка дуч келганларини мулоҳаза қилиб кўрмайдилар.
Ҳа, ота-онанинг дуоси билан киши олий мартабаларга етишади ёки аксинча, хорланиши ҳам мумкин. Ҳаётий мисолларимизни ҳадиси шариф билан қувватлантирсак:
Мазкур ҳадис Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
-Биби Марямнинг ўғиллари ҳазрати Исо алайҳиссалом билан Журайжга сўзлаган боладан бўлак ҳеч бир бола бешикдалигида гапирган эмас,-дедилар.
Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, Журайж ва унга сўзлаган бола ким эди?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ бу ривоятни айтиб бердилар:
-Журайж ўзининг доимий ибодати билан машғул роҳиб бўлиб, унинг ибодатхонаси атрофида бир подачи сигирларини ўтлатиб юрар эди. Шу ибодатхона яқинидаги қишлоқда яшовчи бир хотин подачи ёнига келиб-кетиб турарди. Журайж бир куни ибодат билан машғул эканида онаси келиб чақирди. Журайж онасининг овозини эшитди, аммо ибодатни давом эттирайинми бузиб, жавоб қилайинми деб ўйга толди. Ўйланиб-ўйланиб, ибодатини бузмай, онасига жавоб қайтармади. Онаси иккинчи, учинчи марта ҳам чақирганида жавоб бўлмагач, «Аллоҳ таоло сени фоҳиша хотинларга йўлиқтирсин», - деб дуойибад қилиб, изига қайтиб кетди. Орадан кўп ўтмай ўша подачи ёнига келиб-кетиб турадиган хотин бола туғиб қўйди. Уни бузуқликда айблаб подшоҳ ҳузурига келтириб сўроқ қилишганда «Бу бола ибодатхонадаги роҳибдан бўлган», - деб туҳмат даъвосини қилди. Буни эшитган подшоҳ ғазабланиб, «роҳибнинг ибодатхонаси бузилсин, ўзи бу ерга келтирилсин!» деб амр қилди. Буйруққа асосан ибодатхона бузилиб, Журайжнинг қўллари арқон билан боғланиб келтирилди. Журайж йўлда кела туриб, томоша қилиб турган фоҳишаларга кўзи тушди-да, кулиб қўйди. Подшоҳ: «Бу хотин туғилган болани сендан бўлган, деяпти», - деди. Журайж хотинга қараб: «Шундайми?» - деб сўради. Хотин «Ҳа, шундай»,-деди. Шунда Журайж йўргакдаги болага қараб: «Сенинг отанг ким?» - деб сўради. Чақалоқ тилга кирди-да: «Менинг отам подачи», - деб жавоб қилди ва унинг гапини тўпланганларнинг ҳаммаси аниқ эшитди. Подшоҳ туҳматчи ва зинокор хотин билан подачини жазога ҳукм қилгач, Журайжга узр айтиб: «Энди ибодатхонангни янгидан қуриб берамиз», - деди. Журайж бу таклифни қабул қилмагач: «Ибодатхонангни кумушдан қуриб берайинми?» - деб сўради. Журайж бу таклифни ҳам қабул қилмай: «Ҳашамнинг кераги йўқ, ибодатхона аввалги ҳолига келтириб берилса кифоя», - деб жавоб қилди. Шундан сўнг подшоҳ:
-Хўш, менга айт-чи, қўлларингни боғлаб олиб келаётганларида ғазабланиш ўрнига нима учун кулдинг? - деб сўради.
-Юз берган воқеани кўзим билан кўриб кулгим келди. У ҳам бўлса, онамнинг менга қилган дуойибадлари эди, - Журайж шундай деб бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.
Энди баён этилажак ҳадисни Абдуллоҳ ибн Авф (р.а.) Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ (с.а.в.) ёнларида Суффада эдик. Ҳижрат қилган бир аёл Расули акрамнинг ҳузурларига келди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) уни аёллар ёнига, ўғлини эса бизнинг ёнимизга юбордилар. Орадан кўп ўтмай, аёлнинг ўғли вабога чалиниб, вафот этди. Сарвари олам (с.а.в.) йигитнинг кўзларини юмганларидан сўнг, уни ювиш учун тайёргарлик кўраётганимизда менга:
-Эй Анас! Бор, онасига хабар қил, - дедилар.
Онасига хабар бердим. Онаси келиб, ўликнинг оёқ учи томонига ўтирди ва фарзандининг совуб қолган оёқларини ушлаб дуо қилди:
-Аллоҳим! Мен ўз хоҳишим билан мусулмон бўлдим. Сенинг динингга кирдим. Бутларга сиғинишни тарк этдим. Ўз хоҳишим билан Сенга юкиндим ва Пайғамбарингни севдим. Аллоҳим! Мени бало-мусибатларга дучор қилиб, бутпарастларни севинтирма ва тоқатим етмайдиган ушбу мусибатни менга юклама...
Аллоҳга қасамки, аёл дуо қилиб бўлар-бўлмас, ўликка жон қайтди, бола оёқларини қимирлатиб, кўзларини очди. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этгунларига қадар ҳам у йигит тирик эди...»
Ота-она ҳаётлик чоқларида уларнинг розиликларини олиш - Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган севгининг бир зарраси. Яна бир зарраси эса уларнинг вафотларидан сўнг хайрли дуолар билан эслаш. Намоз ўқувчилар ота-оналарини кунда беш маҳал ёдга оладилар, Аллоҳдан мағфират сўраб, дуо қиладилар. Бенамозлар эса турли кундалик ташвишлар билан банд бўлиб уларни унутадилар. Яна бир муаммо: айримлар оталари ёки оналари вафот этишганда «бизнинг хилхонамиз фалон ерда», деб узоқ қабристонларга олиб бориб дафн этадилар. Оқибатда оталари ёки оналари қабрларини йилда икки марта - ҳайит байрами кунларидагина зиёрат қиладилар. Агар ўзлари яшайдиган маҳалла (ёки қишлоқ) қабристонига қўйсалар, маҳалладаги жанозада иштирок этиш баҳонасида ҳам зиёрат қилардилар.
Яқинда бир мактабнинг муаллимаси ибратли воқеани ҳикоя қилиб берди:
Маълумингизким, ҳозир бола биринчи синфга чиқишдан олдин муаллимларнинг суҳбатидан ўтади. Бу билан боланинг онги, зеҳни даражаси аниқланади. Хуллас, бир болага расмни кўрсатиб: «Бу нима?» деб сўрашади. Бола жавоб беради: «Бу бўғирсоқ». Бошқа расмни кўрсатиб сўрашади: «Бу нима?» Жавоб беради: «Бу тулки». Яна сўрайдилар. Аммо бола жавоб ўрнига худди катталардай дейдики: «Мендан бунақа майда-чуйда нарсаларни сўраманг. Сиз Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом ҳаётларини сўранг, айтиб берай». Муаллималар ноилож «айтиб бер», дейишади. Бу ерда асосий гап муаллималарнинг билмаган илмини бола билишида эмас. Асосий мурод - бу бола улғайганида ота-онасини хорлаб қўймайди. Ота-онаси ўтгандан кейин ҳам дуода бўлади. Фарзандига Ислом алифбесини ўргатган ота ва она ва дунё охиратлари учун икки муаззам сарой тиклаб қўйибдиларким, унда яшаш уларга муборак бўлсин.
Абу Усайд (р.а.) ҳикоя қиладилар:
«Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида эдик. Шу вақт бир киши келиб: «Ё Расулаллоҳ! Ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшиликларимдан ташқари уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам шу яхшилигим давом этади?» - деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга дедилар:
-Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга қиладиган яхшилигинг давом этаверган бўлади. Уларнинг бирламчиси - ота-онанг ҳақларига дуо қиласан ва гуноҳларини кечирмакни Аллоҳ таолодан сўрайсан. Иккиламчиси - уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан. Учламчи - уларнинг дўстларини ҳурматлайсан ва тўртламчи - қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан.
Бу мавзуда айтаман десак, ҳикмат кўп. Бироқ, Алишер Навоий ҳазратларидан бир неча байт ўқимасак, кўнглимиз ўрнига тушмайдиган кўринади:
Бири эрур макрумати волидайн,
Билки мунунг қилмоғидур фарзи айн.
Бу икининг хидматини бир бил,
Ҳар неча ифрот эса, тақсир бил.
Дейилмоқчиким: Тарбиянинг яна бири ота-онани ҳурмат қилиш; буни бажариш унинг учун мажбуриятдир (шартдир). Бу иккисига хизматни бирдек қил, хизматинг қанча ортиқ бўлса ҳам, кам деб бил.
Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Икки жаҳонингға тиларсен фазо –
Ҳосил эти ушбу икисидин ризо.
Дейилмоқчиким: Отанг олдида бошингни фидо қилиб, онанг боши учун бутун жисмингни садақа қилсанг арзийди! Икки дунёнг обод бўлишини истасанг, шу икки одамнинг розилигини ол!
Тун-кунунгга айлагали нур фош,
Бирини ой англа, бирисин қуёш.
Сўзларидин чекма қалам ташқари,
Хатларидин қўйма қадам ташқари.
Бўлсун адаб бирла бори хидматинг,
Хам қил адаб “дол”и киби қоматинг.
Дейилмоқчиким: Туну кунингга нур бериб турган бирларини ой деб бил, иккинчиларини эса қуёш. Уларнинг сўзларидан ташқари бир нарса ёзма, улар чизган чизиқдан ташқарига бир қадам ҳам босма. Ҳамма хизматни сен адаб билан бажар, “адаб” сўзидаги “дол” ҳарфи каби қоматингни улар ҳузурида эг.
Минг йиллар мобайнида яратилган китобларда ота-онани иззатлашга доир насиҳатлар қилинган. Бу насиҳатларнинг муаллифлари кўп бўлгани билан маъноларида фарқ кам. Шу боис мазкур бобни ўн биринчи асрда яшаган Амир Унсурулмаолий Кайковуснинг Муҳаммад Ризо Огаҳий томонидан таржима қилинган насиҳатлари билан якунлашни маъқул топдик.
-Эй фарзанд, билғилким, ақл юзасидан фарзандға ота-онани ҳурмат қилиш вожибдур, нединким унинг асли ота ва онадур. Ота ва онани нима учун ҳурмат қилурман деб кўнглингға келтурмағил, билғилки улар сенинг учун ўлимға ҳам тайёр турадурлар.
Ҳар фарзандки, оқил ва доно бўлса, ҳеч вақт ота ва онанинг меҳр ҳаққини адо қилмоқдин холи бўлмағусидир. Ота-она фармонбардордур. Бу фармонбардорликда ҳам иш бўлғай ва ҳам фармон бўлғай. Ота-онанинг иши сени парвариш қилмоқдур ва фармони сенга яхшилик ўргатмоқдур. Эй фарзанд, шул важдин ота-онангни сағал ҳам ранжитмағил.
Ота-онанинг ҳаёқига дин нуқтаи назаридан риоя қилмасанг ҳам, ақл юзидан, мурувват юзидан риоя қил ва кўрғил: ота-она аслида сени жон ва дил била парвариш қилмишлар. Агар улар ҳақида камчиликлар қилсанг, тақсир кўргузсанг, сен ҳеч яхшиликка сазовор эмасдурсан, нединким ҳар киши аслнинг яхшилиғин билмаса, ўзганинг ҳам яхшилиғин билмағусидир. Ўз фарзандинг сенинг ҳақингда қандай бўлишин тиласанг, сен ҳам ота-онанг ҳақида шундай бўлғил, нединким сен ота-онангга нима иш қилсанг, фарзандинг ҳам сенинг ҳақингда шундоқ иш қилур, чунки одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдур. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур.Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг, уларнинг дуолари шунча тезроқ мустажоб бўлур.
Зинҳор мерос олмоқ ҳирси била ота-онанг ўлимини тиламағилки, уларнинг ризқи била сенинг ризқинг етишур. Ота-онанинг ўлимини тиламағил, чунки ота-она ўлмай юрсалар ҳам ризқинг етишаверади, нединким, ризқ тақсимлангандур ва у ҳар йўл била восил бўлур. Рўзий насиба учун ўзингни кўп ранж-машаққатга қўймағил, бул насиба ранж ва азоб-уқубат била зиёда бўлмағусидир.
Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда буюрилган амаллар асосида айтилган мазкур насиҳатларга итоат этган ҳолда умр кечиришни барчаларимизга Аллоҳ насиб этсин!
Энди дуога қўл очайлик:
-Ё Аллоҳим, ё Раббим! Гуноҳларимизни афв эт. Кимники отаси ёки онаси ёки икковлари ҳаёт бўлса, уларнинг умрларига-ризқларига барака бер. Дардмандларининг дардларига даво бер. Фарзанду набиралари бахти иқболини кўриш саодатини насиб айла. Фарзандларини гўдаклик чоғида қандай раҳм ва шафқат билан тарбия этган бўлсалар Сен ҳам уларни шундай шафқатинг билан паноҳингда асра. Ҳақ йўлингдаги ота-оналарнинг фарзандлари ҳаққига қилган хайрли дуоларини даргоҳингда қабул ва мақбул айла. Ҳақ йўлингдан адашганлар орасидаги ота-оналарга ҳидоят бер. Ота-онасини ўзингнинг байтинг - Каъбатуллоҳ зиёратига олиб бормоқни ният қилиб юрган фарзандларнинг ниятларини амалга ошир. Оталари ёки оналари, ёки икковлари билан ёнма-ён юриб, «лаббайка!»ни айтиб Ҳаж ибодатларини солиҳ равишда амалга оширмоқларини насиб айла. Ота-оналарининг қадрига етмай юрганларнинг қалбини юмшат, кўзларини оч, инсофу тавфиқ ва ҳидоят бер. То қиёматга қадар туғилиб, яшовчи зурриёдларни бизлар йўл қўйган хато ва гуноҳлардан асраб, ота-оналарга иззатда бўлувчи солиҳ фарзандлардан қил.
Кимнинг отаси ёки онаси ёки икковлари бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилишган бўлишса уларни мағфиратингга ол. Уларнинг изидан қилинаётган дуоларни даргоҳингда мақбул айла. Уларнинг тавбаларини ва улар учун фарзандлар қилаётган тавбаларни ҳам қабул этиб то қиёматга қадар қабр азобларидан асра. Қиёматда Ўзинг «бандам!» деб, аъмол номаларини ўнг қўлларидан олмоқликларини насиб айла, жаноб расули акрам Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоатларини насиб этиб, Ўзингни жамолингни кўриш бахтини бер. Кимки бурчини солиҳ фарзандлар қаторида адо эта олмаган бўлса, кимки отаси ёки онасини ёки икковини кўнглини ранжитган бўлса-ю, энди надоматлар чекаётган бўлса, уларнинг ҳам тавбаларини қабул этиб, лутфи караминг билан гуноҳларини кечир. Қиёматда волидайнга очиқ юз билан рўпара келишларини ва жаннатда бирга қовушишларини насиб айла. Омийн йа Раббал-оламийн!


 
БЕМЕҲР ҚАРИНДОШДАН МЕҲР БИЛГАН ЁТ ЯХШИ

Аввалги бобдаги фикримизни “Силаи раҳм” деб аталувчи, Аллоҳга хуш келувчи яхши одоблардан бири ҳақидаги оятлар, ҳадиси шарифдан намуналар, ривоятлар ва мулоҳазалар билан давом эттирамиз.

“Бир қоринга сиққан болаларим битта уйга сиғмаса-я!”
Оналарнинг бундай фарёдлари бизлар учун янгилик эмас. Қариндошлар, ёки қўни-қўшнилар хонадонида эшитганингиз бордир бундай нолаларни. Баъзан эса... отамиз ёки онамиз ёки энг яқин қариндошимиз вафот этари олдидан “мендан кейин юз кило гуруч дамлаб, ош тарқатларинг”, дейишмайди. Мен бундай васиятни эшитмаганман. Сизнинг ҳам қулоғингизга чалинмагандир. Бироқ, “Мендан кейин аҳил-иноқ яшанглар”, дейишлари аниқ. Айниқса оиланинг тўнғич фарзандига “Сен каттасан, укаларингнинг бошларини қовуштириб тур”, деб сўнгги ўтинч билан тикилишларини кўз олдимизга келтирайлик. Сўнг эса... “йигирма оши” ёки “йил оши” дейилмиш дабдабадан сўнг ака-укалар, қариндошлар орасида нифоқ чиқиши, меҳр ришталари узилиши ҳолларини ҳам унутмайлик.
Яна унутмайлик-ки, марҳум ота-онамиз ёки қариндошимиз бу ошларга муҳтож эмаслар. Уларнинг руҳлари бу зиёфатлардан шодланмаслар балки, меҳрнинг узилишидан озорлар чекарлар.
Бу бўлган воқеа: бир қоринга сиққан ака-ука бир ҳовли-жойга сиғмай қолишди. Амакивачча саналмиш болаларнинг ўзаро жанжаллари учун уларни айблаш ноўрин. Чунки улар ёш, кўп нарсаларга ақллари етмайди. Зиддиятларининг асосида айрим ҳолларда ғараз ёки шумлик ётмайди, бу жанжаллар болаларча шўхликнинг оқибатида юзага келади. Аммо, афсуским, айрим ҳолларда нафрат ҳам учрайди. Болаларга бу нафратни ота-оналари ўзлари билмаган ҳолда сингдирадилар. Қандай қилиб? Айтайлик, кечки овқат пайтида кундузги воқеалардан гап очилади. Хотин овсинининг ёмонлигидан сўзлайди. Нодон эр акасининг бирон қилиғидан нолийди. Шундай гаплари билан амакиваччалар орасига ўнгланмас нифоқ солаётганларини билмайдилар. Отаси ва онасининг гапларини диққат билан эшитиб ўтирган бола учун битта нарса равшан бўлади: амакиси ёмон! Унинг оиласи - хуллас, ҳаммаси ёмон! Ёмон... ёмон... улардан нафратланиш керак. Шундай ғийбат шароби ичилаётганда айрим болалар отаси ва онасини қўллаш мақсадида амакиваччасининг бирон ёмонлигидан гапириб, оловга мой қуяди. Қалблардаги меҳр ўрнини эгаллаган яра шу тарзда мадда боғлайди. Вақт ўтган сайин у қалбларни азобга солади ва мудҳиш кунларнинг бирида ёрилади.
Ака-уканинг гап талашиши сўкишга, ҳақоратлаш эса бирининг кетмон кўтариб ҳамла қилишига айланди. Ғазабга минган ака-укани ажратишга ҳаракат қилаётган ўн олти ёшли ўғил отасининг қонга беланганини кўриб, ўзини йўқотади, қўлига чалғи олади. Узоқ давом этган нифоқ ака-уканинг фожиали ўлими ва ўсмирнинг қамоққа тушиши билан якунланади. Қонга беланиб ётган ака-уканинг кўзлари “Бу қанақаси бўлди?” дегандай очиқ қолди. Бу дунёга тўёлмаган кўзларни ёпа олишмади. Катта ҳовли-жойга сиғмаган ака ва уканинг ҳар бирига икки қулочли икки лаҳад кифоя қилди. Бир ҳовлида ёнма-ён яшашни исташмаган эди, қабристонда ёнма ён қабрлардан жой олишди. У дунёдаги аҳволлари бизга номаълум. Ота-оналари билан қиёматда қай ҳолда кўришишлари ҳам номаълум. Фарзандларининг бу фожиаси туфайли ота-онанинг руҳи то қиёматга қадар нечоғли азоб чекмоғи ҳам ёлғиз Аллоҳга маълум.
Бизнинг ажабланишимиздан ўзга иложимиз йўқ. Гап шундаки, ака-уканинг ўлими икки оила ўртасидаги нифоқни ўнгламади. Овсинларнинг ғафлат уйқусидаги кўзлари очилмади, қариндошлар эса ибрат олишмади. Ака-ука экиб кетган нифоқ уруғи униб чиқиб бемеҳрлик меваларини бераверди. Ҳасан Басрий (р.а.) Аллоҳнинг каломига асосланган ҳолда “Қайсики одамларда илм кўриниб, унга амал қилишмаса, тил билан айтишни яхши кўришиб, қалблари билан ғазабланишса, қариндошлари билан узилишган бўлишса, Аллоҳ уларни лаънатлайди, кар қилади, ва кўзларини кўрмайдиган қилиб қўяди”, деганларида айнан шу каби инсонларни назарда тутгандирлар? Валлоҳу аълам.
Яна ажабланамиз: намоз ўқиймиз ва деймизки, бу ибодатни Аллоҳ фарз қилган. Аммо қариндошлар билан узилиб кетамиз, билмаймизмики, Аллоҳ бандаларига силаи раҳмни ҳам фарз қилган. Билмасак, билиб олайликким, токи қиёматда шарманда бўлмайлик. Абу Айюб Ансорий (р.а.) ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга (с.а.в.) яқинлашиб сўради: “Мени жаннатга яқин ва дўзахдан узоқ қиладиган амалларни айтиб беринг”. Расулуллоҳ унга дедилар: “Аллоҳ таолонинг ўзигагина қуллик қиласан, унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, Аллоҳ буюрган намозларни вақтида адо қиласан. Молингдан закотни берасан ва силаи раҳм қиласан”. Мазкур баёндаги топшириқлар Исломнинг беш аркони - беш фарзни эслатмаяптими? Силаи раҳм шу фарзлар қаторидаги зарур ибодатлардан экан.
Аллоҳ таборак ва таоло бандаларига марҳамат қиладиким: “Агар иймондан юз ўгирсангизлар, сизлар ер юзида бузғунчилик қилурсизлар. Ва қариндош-уруғларингиз билан ҳам алоқаларингизни, қариндошлик ришталарини узарсизлар. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ таоло лаънатлагандир. Бас, уларнинг қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан кар, кўзларини тўғри йўлни кўролмайдиган кўр қилиб қўйгандир”. Муҳаммад сурасидаги икки оятнинг маъно таржимаси билан танишгач, бу маънони ақлимизга сингдиришга уринайликда, сўнг яна аввалги воқеага қайтайлик: демак, ким бузғунчилик қиларкан, ким қариндошларидан узилиб кетаркан? Иймондан юз ўгирганлар. Агар бир-бирини ўлдирган ака ва укада иймон бўлса аҳил-иноқ яшамасмиди? Фарзандларини ҳам силаи раҳм руҳида тарбия этмасмиди? Албатта, марҳумлар ҳақида ёмон гапириш одобдан эмас. Уларни иймонсизликда айблаш эса раҳмсизлик бўлиб кўринар. Аммо, наилож, бошқаларга ибрат бўлсин учун ҳақиқатни айтишга мажбурмиз. Бундай кимсаларга Аллоҳнинг лаънати тушгани - шу фожианинг юз берганида кўринмайдими? Лаънат фақатгина ўлим эмас, балки улар уй-жой талашишни бошлаганларидаёқ Аллоҳнинг ғазабига учраганлар, бироқ, иймондан ҳоли онглари буни фаҳмлай олмаган. Ҳамонки бундай кимсалар Аллоҳнинг лаънатига лойиқ эканлар, уларнинг охиратларини тахминан тасаввур қилиш мумкин. Аллоҳнинг бу икки оилани лаънатлаши ҳали тугагани йўқ. Аллоҳнинг лаънатлаши ўз раҳматидан ва ҳидоятидан узоқ қилиши билан бўлади. Кўр ва кар қилиши ҳам жисмоний эмас, маънавий томондан бўлади. Кўзи ҳамма нарсани соғ-саломат кўриб туради, лекин кўрган нарсаларидан ибрат олмайди. Қулоғи ҳам соғ бўлади, лекин ўзи эшитган нарсаларидан ибрат олмайди. Чунки уларнинг қалб кўзлари кўр, қалблари қулфланган. Қалб қулф экан, унга ҳеч нарса, жумладан Қуръон нури ҳам кирмайди. Бошқачароқ айтсак, бундай қалблар Қуръон нури билан нурланишга рағбат кўрсатмаганлари учун ҳам оқибатда қулфланиб қоладилар. Ака-уканинг фожиасидан ибрат олмаган овсинларнинг, амакиваччаларнинг тақдирлари шундай эмасми?
Аллоҳ бандаларни огоҳлантиради: “...ораларингиздаги савол-жавобларда (яъни ўзаро муомалада) номи келтирилувчи Аллоҳнинг қаҳридан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз. Албатта Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”. (Мазкур оятнинг маъно таржимаси билан қизиққанимизда уч таржимада уч хиллик кўрдик. Аслан, сўзма сўз таржима қилинса ўзбекчада “Ўзаро сўрашадиганингиз Аллоҳга ва қариндошликка тақво қилинг” деган маъно чиқаркан. Уч мутаржимнинг ўзбекча сўз ишлатишларида хатолик йўқ, маъно ҳам бузилмаган, шу учун эркинроқ тарздаги маъно баёнини олдик. Кўпчилик “тақво” атамасини “Худодан қўрқиш” деб ишлатади. Бу ҳақда аввалги рисоламизда фикр билдирган эдик. Бу ўринда шу масалани эслаш эҳтиёжи туғилди. Аллоҳни биз раҳмли, меҳрибон, гуноҳларни кечирувчи, тарбияловчи, тўғри йўл кўрсатувчи каби сифатлар билан таниймиз. Шу боис, меҳрибон ва раҳмли зотдан қўрқиш мантиқсиздай туюлади. Атамани тўғри таржима қилиш учун “ғазабидан” деган сўзни қўшиш эҳтиёжи туғилади. Яъни гуноҳ ишлардан қайтмай Аллоҳнинг қаҳру ғазабига учрашдан қўрқиш. Гуноҳ ишлари учун дўзах оловида ёнишдан қўрқиш... Агар бу фикримиз хатога йўйилмаса, оятни “қариндош-уруғлар билан ажралишиб кетсангиз Аллоҳнинг ғазабига учрайсиз. Аллоҳнинг қаҳри ғазабига учрашдан қўрқингиз”, тарзида тушунсак тўғри бўлади.) Одатда, кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳнинг номини қўшадилар. Аллоҳнинг номи билан одамлар орасида ўзаро аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам айтилади. Баъзан икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, қасам ёки аҳдномага бу ҳам қўшилади. Бу борада Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш - муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик билан ифодаланади. Аллоҳ барча ҳаракатларимизни кузатиб туради, яқинларимизга нисбатан озгина хиёнат қилдикми, бас, жазо муқаррардир.
“Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд насиҳат қилур” (Наҳл сурасидаги 90-оятнинг маъноси). “Муфассирлар шоҳи” деб эъзозланган Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) қилинган ривоятда у киши “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб, зикр қилган”, дейдилар.
Энди яна бахти қаро оилага қайтайлик: бу икки оилада ўзаро адолат бормиди? Адолат йўқ жойда бир-бирига чиройли амаллар (эҳсон) мавжуд бўлиши мумкинми? Аллоҳ яхшилик қилишга буюрган эди, улар-чи? Бузуқлик, ёмонлик, зўравонликдан қайтарган эди, улар қайтдиларми? Биз бузуқлик (фаҳш) деганда асосан эр-хотин орасидаги номусга оид муомалани тушунамиз. Аслида бу сўзнинг луғавий маъноси “ҳаддан ошишлик”ни англатади. Демак мазкур ҳолатда бу икки оиланинг бир-бирларига душманлик бобида ҳаддан ошганларини тушуниш мумкин. Яна афсуски, улар энг муҳим нарсани - Аллоҳнинг панд-насиҳатларини қулоққа илмадилар. Оқибати эса ўзингизга маълум.
Шулардан воқиф бўлгач дейлик-ки:
-Эй кўнгил! Ғафлатдан уйғон! Сен юз ўгириб кетмоқчи бўлаётган кимсанинг кимлигини унутма! У аканг ёки укангдир, у опанг ёки синглингдир. У энг яқин қариндошингдир. Уларга нисбатан қалбингда нафрат уйғонса, улардан юз ўгириб кетишни ихтиёр қилганинг дамда бир дақиқа шошма. Ҳа, сени дўзах оловидан асраб қолиш учун шу бир дақиқа кифоя қилади. Шу бир дақиқа ичида Аллоҳнинг буюрганларини ақл кўзгусида кўриб олсанг бас. Шу бир дақиқа ичида жоҳиллик уйқусидан уйғонишга ўзингда куч топсанг бас. Эй кўнгил, агар сен шайтоннинг йўлига адашиб кириб қолган бўлсанг - қариндошларингдан узоқлашган бўлсанг, эсингни йиғиб олгину Раҳмон йўлига қайтишга шошил. Қариндошларинг билан сен талашаётган нарса аслида сеники эмас. Сен талашаётган нарса сенга ҳам, қариндошларингга ҳам вафо қилмайди. Сен талашаётган нарсангга эга чиқишинг ҳам мумкин, аммо кўп ўтмай уни барибир ташлаб, боқий дунёга кетасан. Агар қариндошларингга силаи раҳм қилсанг, сен охиратга уларнинг дуолари билан боражаксан. Охират эшигини ўзингга ҳамиша ҳамроҳ иймон нури билан очажаксан. Ҳисоб куни келганда Аллоҳ ҳузурида қариндошларингга муносабатингдан ҳисоб бергайсан. Ёмонликка қадам қўйишдан аввал, бир дақиқагина шуларни ўйла. Шу бир дақиқа сенинг бошингга шараф тожини кийдирур.
Анас ибн Моликдан ривоят қилишларича, уч тоифа одам қиёмат куни Аршнинг соясида бўларкан. Шулардан дастлабкиси силаи раҳм қилувчи экан. Бундан маъно: унинг умри ва ризқи силаи раҳм билан зиёда бўлган деганидир. (Аршнинг соясидаги иккинчи тоифа - эри ўлиб, етим фарзандларини Аллоҳ беҳожат қилгунича тарбиялаган хотин, учинчи тоифа - таом тайёрлаб, етим мискинларга едирган одам.) Одам боласининг Аршнинг соясига етказадиган силаи раҳм деганда биз нималарни тушунамиз? Келинг, уламонинг фикрларини бир эслайлик:
Улуғларимизнинг айтишларича, силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор экан:
*Силаи раҳмда Аллоҳнинг ризоси бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради.
*Уларга (мўъминларга) хурсандчилик етказмоқлик бор. Чунки улар силаи раҳм билан қувонадилар.
*Силаи раҳмда малоикаларнинг ҳам хурсандчилиги бор. Чунки улар ҳам силаи раҳмга гувоҳ бўлган онларида қувонадилар.
*Силаи раҳмда мусулмонлар шаънига яхши мақтов бордир.
*Силаи раҳмда иблисга ғам етказмоқлик бордир.
*Умрнинг зиёда бўлишида силаи раҳмнинг ҳиссаси бор.
*Ризқнинг баракали бўлишини силаи раҳмсиз тасаввур этмоқ қийин. Бунга мисол тариқасида бир ривоятнинг қисқа баёнини берамиз: Ота-онаси вафот этган ака-укага бир қопгина буғдой мерос қолади. Ака-ука мерос ҳақига хиёнат қилмай, уни теппа-тенг бўлиб оладилар. Шу куни аканинг кўнгли оғрийди: “Укам ҳали уйланмаган, ҳам ўзини боқиши керак, ҳам тўйга йиғиши керак. Болаларимнинг ризқини Аллоҳнинг ўзи берар”, деган ўйда омборхонага кириб ўзига ажратиб олган улушдан укасининг қопига тўкади. Шу куни уканинг ҳам кўнгли оғрийди: “Мен битта қорнимни эплаб тўйдириб юрардим. Акамнинг оиласи қийналиб қолиши мумкин”, деган ўйда у ҳам омборхонага кириб ўзининг улушидан акасининг қопига тўкади. Бу ҳол ҳар куни такрорланаверади. Аммо иккала қопдаги буғдойдан бир мисқол ҳам камаймайди. Шунда ака-укалар ажабланишиб, бир донога маслаҳатга борганларида у бор гапни яширмай айтишларини талаб қилади. Воқеадан хабар топгач эса “Бир-бирларингизга меҳр-оқибатли бўлганингиз учун Аллоҳ сизларнинг ризқингизга шундай барака берибди. Ораларингиздаги силаи раҳм барқарор экан, ризқингиз шундай мўл бўлаверади”, дебди. Бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганларким: “Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин”.
*Силаи раҳм туфайли вафот этиб кетганларга ҳам хурсандчилик етади. Фоний дунёни тарк этган аждодлар руҳи авлодларининг силаи раҳм билан боғланганларидан қувонади.
*Силаи раҳмда дўстликнинг зиёда бўлиши бор. Бир сабаб ўртага тушиб, хурсандчилик ва ғамдан тўпланишган дўстлар бир-бирларига ёрдам берадилар ва бу улардаги дўстликнинг зиёда бўлишига ёрдам беради (Бу хусусда “Энг яхши дўст” деб номланувчи бобда батафсил фикрлашиш ниятимиз бор).
*Силаи раҳмда кишининг вафотидан кейин ҳам ажрнинг зиёда бўлиши бор. Чунки қариндошлар уни ўлганидан кейин ҳам дуо қиладилар, яхшиликларини доимо эслаб юрадилар. Бунинг акси бўлса, ривоятдаги ҳолат юзага келиши мумкинки, Аллоҳ сақласин!
Яҳё ибн Салимдан ривоят қиладилар:
“Маккада биз билан бирга Хуросон аҳлидан бўлган бир киши бор эди. У солиҳ киши эди. Одамлар унга ўз омонатларини ишониб топширар эдилар. Бир киши унга ўн минг дирҳам пулини қолдириб ўзи сафарга кетди. Омонат қўйган киши сафардан қайтганида у солиҳ одам вафот этган эди. Шу боис омонатчи у кишининг оиласидан молини сўради. Оила аҳли бундан бехабар эдилар. Омонатчи олимларга мурожаат қилиб, маслаҳат сўради. Улар айтдиларким: “Бизлар у хуросонлик биродаримизни жаннат аҳлидан деб умид қиламиз. Кечанинг учдан бири ёки иккинчиси ўтган онда Замзам булоғи яқинига келгин ва бу сўзлар билан хабар бергин: “Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!” Шундай десанг, инша Аллоҳ, жавоб эшитгайсан”. Ҳалиги одам келиб, бу сўзларни уч марта айтди. Ҳеч ким жавоб бермади. У одам олимларнинг ҳузурига қайтиб, воқеани баён қилди. Улар дедиларким: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтажакмиз! Бизлар у биродаримизнинг дўзах аҳлидан бўлмоғидан қўрқяпмиз. Энди Яманга боргин, у ерда бир водий бор. Уни Бархут дейдилар. У ерда бир қудуқ бор, уни топ ва кечанинг учдан бири ёки учдан иккиси ўтганида: “Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!” деб бақиргин”, У киши Яманга бориб, водийдаги қудуқни топди. Биринчи чақирувдаёқ жавоб эшитилди. Шунда мол эгаси афсусланиб: “Шўринг қурсин, сени бу ерга қайси амалларинг туширди? Ахир сен яхшилик эгаси эдинг-ку?” деди. Жавоб бўлдиким: “Хуросонда менинг аҳли байтларим, қариндошларим бор эди. Ўлгунимга қадар улар билан борди-келди қилмай, узилишиб кетдим. Аллоҳ таоло мени шу азоб билан ушлаб, бу манзилга ташлади. Аммо молингдан ҳавотир олма. Мен ўғлимга айтиб қўйишга улгурмаган эдим. Уйимнинг фалон ерига кўмилган, ўғлимга айтгин, молингни кавлаб олиб, ўзингга қайтаради”. Омонат қўйган одам молини қайтариб олди. Шу мол баҳона силаи раҳмнинг куч-қудратини ҳам ҳис қилди. Ўтмишдан бугунга қайтиб фикр қилайлик: у одам Хуросондаги қариндошларидан узилган экан. Орадаги масофа неча ойлик машаққатли йўл бўлса-да, кишига силаи раҳмни узишга баҳона бўлолмас экан. Биз-чи? Бир шаҳарда, ҳатто бир маҳаллада, ҳатто бир ҳовлида турганимиз ҳолда жигарларимиздан узилиб кетганимиз учун Аллоҳдан қандай жазо оламиз? Хаста овозимиз қайси саҳронинг қайси қуриб қолган қудуғидан чиқар экан? Аллоҳ сақласин! Шу фикрнинг ўзиёқ киши вужудини қўрқувга солиб, қақшатиб юборади... Қўрқмай ҳам бўладими, ахир Расулуллоҳ (с.а.в.) “Силаи раҳм қилмайдиган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар-ку? Тасаввур қилайлик-ки, қиёматда кимдир умид билан жаннат сари боради аммо унга жаннатнинг ҳеч бир эшиги очилмайди ва ҳукм айтиларки: “дўзахга кир!” деб. Қандай шармандалик! Қандай фожиа бу!
Юқорида саналган ўн хислатни жамлаб туриб, силаи раҳм - ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун фақат холис равишда бажарилувчи ибодатлардан бири, десак ҳам бўлади. Силаи раҳмда таъна, ҳасад, риё, таъма, кибр каби иллатларга зинҳор ўрин бўлмайди. Кимда бундай иллатлардан биттаси бўлса ҳам силаи раҳмдан сўзламоғи қуруқ сафсата бўлиб қолади. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аввал силаи раҳм қилган кишига кейин жавоб тариқасида силаи раҳм қилувчи ҳақиқий силаи раҳм қилувчи эмас. Чинакамига силаи раҳм қилиш деб силаи раҳм қилишдан бош тортган кишига силаи раҳм қилишни айтадилар”, - дедилар”. Биз ҳаётимизда мазкур ҳадисга амал қилмайдиганларни учратиб турамиз. “Фалончи шифохонада экан, кўриб келайлик”, десангиз “У мен касал бўлганимда келиб кўрибмиди, бормайман”, деган жавобни эшитамиз. Бир куни “Фалончи биродаримиз вафот этибдилар, фотиҳага бориб келайлик”, деган таклифга “У одам отам ўлганида йигирма ошига келмаган эди, менам фотиҳасига бормайман”, деган жавобни эшитиб, ҳайратдан ёқа ушладик. Яқинда бир кишининг холаси вафот этганини эшитиб, таъзия билдирганимизда ундан “Ҳаётлик пайтларида бизга фойда-зарарлари йўқ эди, ўлганларидан кейин ҳам ҳеч нарса йўқотмагандаймиз”, деган аҳмақона жавобни эшитдик. У одам қариндошчиликдан фойда кўзлаб яшар экан, Аллоҳнинг ризолигини изламас экан. Унинг ўтмас ақли холасининг ўз онасидан ёдгор эканини ҳам фаҳм этмас экан. Холасини зиёрат қилмай юргани учун онасининг руҳи азоб чекканини ҳам ўйлаб кўрмагани аниқ. Ўзининг яқин қариндошига шунчалик бемеҳр одамнинг бошқаларга бўлган ҳурматини сохта дейишга ҳаққимиз борми?
Шифохонада даволанаётганимда ён хонадаги бадавлат ва амалдор беморни танишларимдан бири ҳар куни йўқларди. Амалдорнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмаса-да, қоғоз халталарни тўлдириб, нималардир олиб келарди. Баъзи кунлари икки марта йўқларди. Мен унинг бу серқатновлигидан ғашланмадим. Агар ният холис бўлса, беморни йўқлаш ҳам савоб. Ғашлигим бошқа томонда эди: унинг укаси, менинг биродарим бедаво хасталикка чалиниб, икки йилдан бери тўшакда ҳаракатсиз ётарди. Унинг дори-дармонидан биродарлари хабар олиб туришарди. Аллоҳга шукрларким, дунёда иймон ва инсоф эгалари кўп, ночорлар қаровсиз қолмайди. Аммо ачинарлиси, шифохонадаги бой ва амалдор одамни тинмай йўқлаётган бу “серҳиммат” ўз укасидан хабар олмасди. Беморнинг хонадонидаги бирон маросимга айтилса, келарди. Шунда ҳам “икки бармоғини бурнига тиқиб” келарди. Атрофдагиларга сафсата сота-сота кетарди. “Эҳтимол ака-ука орасида гап қочгандир, келишмовчилик бордир?” дерсиз? Йўқ, талашиб-тортишиш бўлмаган. Фақат акада иймон йўқ. Укасидан фойда келмаслигини билиб, уни менсимайди. Афсусларким, бу дунёда “сендан угина, мендан бугина” деган шиор остида яшайдиганлар ҳам бор, биз уларга Аллоҳдан инсоф тилайлик-да, бу шарафли ҳадисни ёдга олайлик: Абдуллоҳ ибн Абу Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтадилар:
“Арофат кечасида Пайғамбар (с.а.в.) билан бирга ўтирган эдик. Айтиб қолдиларким: “Силаи раҳмни узган киши бу кеча мен билан бирга ўтирмасин, биздан кетсин”. Мажлис аҳлининг пойгагида ўтирган кишидан бошқа ҳеч ким ўрнидан турмади. Бир оз вақт ўтганидан сўнг у киши қайтиб кириб, жойини эгаллади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Нима учун сендан бошқа ҳеч ким даврамиздан турмади?” деб сўрадилар. У киши айтдиким: ”Эй Расулаллоҳ, сиздан бояги танбеҳни эшитиб, холамникига бордим. У киши билан жанжаллашиб, орамиз бузилган эди. Борганимда холам менга “Нима учун келдинг, бунақа одатинг йўқ эди-ку”, деб сўрадилар. Мен сиз айтган ҳадиснинг хабарини бердим. Мендан олдинроқ холам кечирим сўрадилар, мен ҳам узримни айтдим”. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу гапни эшитиб дедилар: “Яхши қилибсан, бу кечани биз билан бирга ўтказ. Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг раҳмати силаи раҳмни узган қавмга тушмайди”. Табароний ҳазратлари мазкур ҳадисни бундай шарҳ этганлар:
-Миллат ичида қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, бу миллатга фаришталар тушмайди.
Яна Табароний айтадилар: “Ибн Масъуд бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди. Дедики:
-Худо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Раббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул этилмайди.
Бу огоҳлантиришга эътибор берайлик: силаи раҳмни узган киши фақат ўзига жабр қилмай, унинг касри бутун қавмга урар экан. Демак, қариндошчиликни узган биродарларимизга вақтида танбеҳ бериб туришимиз зарур экан. “Гапирсам ранжийди, қариндошлар бугун бўлмаса эртага топишиб кетишар”, деган истиҳолани йиғиштириб қўйиб, орадаги силаи раҳмни тиклашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак экан. “Бугун бўлмаса эртага...” Бугун силаи раҳм узилган бўлса, умид қилганимиз эртага ким бор, ким йўқ. Майли, бемеҳр биродаримиз бизнинг бугунги танбеҳимиздан ранжисин, бироқ кейинги огоҳлантиришимиз таъсир этиб қолар? Силаи раҳмни тикласа, унга жаннат эшикларининг очилишига ҳиссамиз қўшилгани учун ҳеч бўлмаса қиёматда биздан рози бўлар?
Юқорида баён этганимиз ҳадиси шариф каби яна бир ҳадиси шариф борки, мазмун бир оз ўхшаса-да, масала муҳим бўлгани учун уни ҳам ёдга олишни маъқул кўрдик.
Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Мен қариндошлар билан силаи раҳм қилдим, улар мендан узилдилар. Уларни афв этдим, менга зулм қилдилар. Уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қайтардилар. Уларга энди худди ўзларидек муомала қилаверайинми?” -деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Йўқ, бундай қилсанг, уларнинг гуноҳларига шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик ва силаи раҳм қилишда давом этавер. Шунда сенга Аллоҳдан қувват давомли бўлади”. (Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) арз қилган киши “Улар жабру жафо қилсалар ҳам мен сабр этаман”, деганида унга қараб бундай деганлар: “Агар гапинг тўғри бўлса, уларнинг оғзига қиздирилган кулни солгандай бўлибсан. Сен шу ишингни давом эттираверсанг, Аллоҳ таоло сенга ёрдам беради ва уларнинг жабру жафосини дафъ қилади”.)
Ҳадиси қудсийда дейиладики: “Эй Одам фарзанди, қариндошларингга яхшилик қилиб, қўшилиб юр, умрингни узун қилай”. Умрнинг узайтирилиши масаласида айрим олимларимиз “Тақдир аввалдан белгилаб қўйилган бўлса, масалан, умри фалон йил бўлса, Аллоҳ уни ўчириб, узайтирадими?” деган саволни ўртага қўйишса, бошқалари далил сифатида мана бу ояти Каримани келтирадилар: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни ҳукмни) ўчирур ва Ўзи хоҳлаган ҳукмни барқарор қилур. Она китоб (бошқача айтилса - Асл китоб, яъни Лавҳул-Маҳфуз) Унинг ҳузуридадир” (Раъд сурасидан). Шунга кўра ҳадиси қудсийни биз аслан, тўғридан тўғри тушунсак бундай маъно ўқиймиз: ким силаи раҳм қилса, умридан уч кун қолган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг умрини ўттиз йил зиёда қилади. Агар силаи раҳмни узган пайтида умридан ўттиз йил қолган бўлса, Аллоҳ таоло уни уч кунга тушириб қўяди. Бу тушунча бўйича биз - омиларнинг адашишимиз табиий, лекин уламо ҳам ихтилоф қиладилар. “Танбеҳул ғофилийн”да бу масалага ойдинлик киритилган экан: баъзилар айтадиларки: “Ким силаи раҳм қилса, умри зиёда бўлади”, деган хабар зоҳирийдир. Яна баъзилар айтадилар: “Тақдир ўзгармайди, чунки Аллоҳ таоло “Бас, қачон уларга ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар” (Аъроф сурасидан), деган. Лекин умрнинг зиёда қилишнинг маъноси ўлимдан кейин унинг савобларини ёзишда давом этмоқликдир. Ўлимидан кейин ҳам унга савоб ёзилаверилса, гўёки умри зиёда қилингандай бўлади.
Менинг Дилшод исмли биродарим бўлардилар (Аллоҳ уни раҳмат қилсин). Биродаримнинг мўъминга хос фазилатлари анчагина эди. Аммо биттаси ҳақида атрофдаги одамлар ҳам кўп гапирардилар. Бу фазилати унинг силаи раҳм одобини бекаму кўст бажаришида кўринарди. Унинг акаси беш синглиси ва бир укаси бор эди. Дўстим бошқа ҳовли-жой қилиб чиқиб кетгандилар. Аммо мен уни кунда бўлмаса ҳам кун ора ота ҳовлига, муҳтарама оналарини зиёратига келишларига гувоҳ бўлардим. Баъзан хизматда ушланиб қолсалар ҳам, “эртага борарман”, демасдан одатларини канда қилмай зиёратга келардилар. Онага нисбатан бу қадар меҳрибонликлари учун ажрлари бисёрдир, инша Аллоҳ. Аммо беш сингилга бўлган меҳрибонликлари онага бўлган эҳтиромларидан кам эмасди. Сингилларини ҳам тез-тез йўқлашни канда қилмасдилар. Бир куни “Сингилларнинг кўнгли яримта бўлади. Улар ҳар куни уйларидан бир одам келишини кутиб яшайдилар. Менинг қадам босиб боришдаги заҳматим уларнинг мени кўрганларидаги қувончига арзимайди”, деганлари эсимда.
У дамларда масаланинг диний моҳиятидан бехабар эдим. Кейинроқ билсам, дўстим Аллоҳнинг фарзларидан бирларини адо этиш билан банд эканлар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) “Аллоҳнинг ғазабидан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар. Чунки у сизлар учун дунёда ҳамма
нарсадан яхшироқдир, мустаҳкамроқдир. Охиратда сизлар учун янада яхшироқдир” деган муборак сўзларини ҳадис китобларида ўқиганимда шу дўстимни эслаган эдим. “Охиратда сизлар учун янада яхшироқдир...” Демак, дўстим охират саройини тиклаб юрган экан. Яна айтилган эканки: “Агар сизда бирон қариндош бўлиб, оёғингиз билан юриб бормасангиз (яъни зиёратга бормасангиз дейилмоқчи), молингиздан бирон нарса бермасангиз, бас, албатта ундан узилибсиз”. Аллоҳ таоло туширган баъзи саҳифаларида: “Эй Одам фарзанди! Молинг билан силаи раҳм қилгин, агар ўзингда бор нарсага бахиллик қилсанг ёки молинг кам бўлса, оёғинг билан боргин (яъни зиёрат қилавер)” дейилган”. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу хусусда “Қариндошчиликни боғланглар, агар салом билан бўлса ҳам”, деб таъкид этганлар. Шу ўринда зиёрат одоби масаласида ҳам фикрлашиб олсак. Айрим одамлар қариндошларини йўқлашни ният қилишади-ю, лекин камхаржлик боисиданми ё бозорга тушишга эринибми, “қуруқ бораманми” деб бу яхши амални амалга оширишни кейинга сураверадилар. Шаҳарларда новвойлар кўп, йўл-йўлакай тўртта нон олиб кириб йўқлаш одат тусига айланиб қолган. Қишлоқларда аёллар зиёрат мақсадида махсус нон ёпадилар ёки ўзларининг боғларидан у-бу оладилар. Агар буларнинг ҳам иложи бўлмаса салом бериб кириб боришнинг ўзи ҳам уят саналмас экан. Бугунги кунда йўқлашнинг янгича турлари ҳам мавжуд. Мактуб ёзиб, ёки телефонда ҳол-аҳвол сўраб туриш ҳам яхши. Халқимизда яхши мақол бор: “Борсанг - қариндош, бормасанг - бегона”. Бегоналикдан Аллоҳ сақласин!
Мен умрнинг зиёда бўлишини шу дўстим мисолида кўраман. Ҳозир шукрким, акалари, укалари, бешала сингиллари ҳаётлар. Шубҳам йўқки, улар акаларини ҳар куни меҳр билан эслайдилар. Унинг ҳаққига дуолар қиладилар. Оилада силаи раҳмдан сўз очилса “тоғанг шундай меҳрибон одам эди, унинг ҳаёти сенларга ибрат бўлсин”, деб фарзандларига тарбия берадилар. Бу фарзандлар вақти келиб ўз фарзандларига “менинг тоғам шундай мусулмоншева эдилар” деб ибрат қилиб эслашларига ҳам ишонаман. Каъб-ул Ахбор деган эканларким: “Мусо алайҳиссалом ҳамда бани Исроил учун денгизни ёрган Аллоҳга қасамки, албатта Тавротда ёзилган: “Аллоҳдан қўрқинг, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга силаи раҳм қилинг, умрингиз зиёда бўлади. Енгилингизни янада енгил қилади, қийинчилигингизни кетказади”. Келинг, айни дамда китобдаги сатрлардан кўз узайликда, дўстим Дилшод ва унга ўхшаган барча мўъмин-мусулмонлар ҳаққига дуо қилайлик:
-Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларни силаи раҳмни узмайдиган бандаларингдан қил. Ҳаётлик чоқларида силаи раҳмни узмаган биродарларимизнинг охиратларини обод этгин. Қиёматга қадар туғилиб яшайдиган зурриёдларини ҳам улар каби меҳрибонлардан қилгин. Бизларнинг қалбларимиздаги меҳр-мурувватни ҳам зиёда эт. Вақтики келиб, бу дунёни ташлаб, боқий дунёга кетганимизда ортимизда қолганлар бизларни ҳам яхши фазилатларимизни эслаб, дуолар қилсинлар!
Баъзи биродарларимиз қариндошларидан узоқлашадилар-да, бу хатоларини яшириш учун ўша қариндошларини айблайдилар. Бир ибодатли биродаримизнинг гапларидан ажабланган эдик. Аммалари ҳақида сўзлай туриб айтдиларки: “Мен аммамникига қадам босмай қўйдим, ўзи ҳам, болалари ҳам намоз ўқимайди”. Буни мусулмончиликка йўйиши айниқса ажабланарли эди. Агар у чин мусулмон бўлса, яхши одобларини намоён этиб ўша бенамоз аммасини зиёрат қилавермайдими, яхши фазилати билан ибрат бўлавермайдими, тез-тез зиёратга бориб даъват қилавермайдими? Тўғри, бир-икки даъват қилибди, китоблар олиб бориб берибди. Лекин муслим учун бу кифоя эмас-да! Аллоҳ унинг қариндошларига ҳидоят бермагунига қадар даъватнинг кети узилмайди. Эҳтимол, Аллоҳ бу биродаримизнинг сабрини, диндаги саботини синамоқчи бўлиб, қариндошларига ҳидоят бериш палласини кейинга сургандир? Бу биродаримиз каби янглишган кишиларга Маймун ибн Маҳрон айтган ибратни эслатишни жоиз деб билдик:
“Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Кимики сенга омонат берган бўлса, омонатини адо қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.
Яна бир биродаримиз тўй қилаётган яқин қариндошига ёрдам беришни истамабди. Сабаб: тўй қилаётган одам зиёфатни замонавий тарзда - дастурхонга ароқ қўйиш билан ўтказмоқчи бўлибди. Биродаримиз бунинг номақбул эканини айтса-да, у кўнмабди. Бу масала юзасидан фикр билдирувчилар орасида “Ёрдам пулини беравермайдими, ёрдам бергани учун савоб олади, бу пулни ножоиз сарф қилган одам эса гуноҳга ботаверади”, дейишлари ҳам мумкин. Гап шундаки, ўша қайсар одам бошқалардан қарз олиб, ниятига етади ва оқибатда камхаржлиги туфайли оиласи билан озор чекади. Бадавлат қариндоши пул берса шу озордан ҳоли бўларди, шундайми? Шундайликка шундай, аммо шариат нуқтаи назаридан қарасак, биродаримиз пулининг ҳаромга сарф этилишини била туриб берса дуруст бўлмас эди.
Раббимиз Аллоҳ таборак ва таоло раҳмни яратиб, Ўзининг Раҳмон сифати билан марҳамат этдики: “Мен Раҳмонман, сен раҳмсан. Ким сени узса, узиламан; кимики сенга боғланса, боғланаман”. Аршдан ўрин олган Раҳм эса кеча ва кундуз дер эканки: “Ё Парвардигоро! Сенинг йўлингда кимики менга боғланса, боғлангин, кимики Сенинг йўлингда мени узса, узилгин”.
(Бизда кўчаларга турли шиорлар осиб қўйиш бор. Агар бу одат уйга ҳам кўчирилса айнан шу сўзларни ибрат учун ёзиб қўйишни таклиф қилган бўлардим. Чунки силаи раҳм учун Аллоҳнинг хайрли мукофоти бўлгани каби, бу одобни тарк этгани учун азобли жазоси ҳам борлигини бир нафас ҳам унутмаслигимиз зарур. Бу хусусда ҳадиси шарифда таъкид этилганидек, азоб-уқубат қиёмат кунига асраб қўйилганидан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам инсоннинг ўзига жабр етказадиган гуноҳ - кишиларга зулм етказиш ва қавм-қариндошларга қилинадиган силаи раҳмни узиб қўйишдир. Бу жазони атрофдагилар ҳам кўриб туришади. Масалан, мавзу аввалида баён қилганимиз машъум ҳодисага қўшимча сифатида айтишимиз мумкинки, қариндошларидан узилган одамнинг топган-тутганларидан барака кетади, фарзандлари орасидан меҳр қочади, ҳали тириклик чоғидаёқ фарзандларининг мерос талашиб юзкўрмас бўлиб кетаётганларига гувоҳ бўлади.)
Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.) Расулуллоҳдан (с.а.в.) раҳм хусусида эшитган ҳадисни ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтибдилар: “Аллоҳ таоло “Мен дунёдаги барча борлиққа раҳм қилувчи Раҳмонман ва раҳмни яратиб, Раҳмон деган номимнинг ҳарфларидан таркиб топган “раҳм” сўзини унга исм қилиб қўйдим. Энди ким раҳмни (қариндошликни) узмасдан юрса, Мен ундан раҳматимни узмайман ва ким уни узиб қўйса, Мен ҳам ундан раҳматимни узиб қўяман”, деган”.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бу мавзуга янада аниқлик киритиб, айтадилар:
“Аллоҳ таоло халқларни яратиб бўлганидан кейин Раҳм турди. (Бу ўринда “раҳм” атамасига олимларимиз қариндошлар ва бир-бирига боғланадиган насаб силсиласи назарда тутилади, деб изоҳ берадилар.) Аллоҳ ундан: “Нега турдинг?” деб сўраганида у: “Эй Раббим, мен узилиб қолишдан паноҳ сўровчи сифатида ҳузурингда турибман”, деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Раҳм, сени узган кишилардан марҳаматимни узсам, шунга рози бўласанми?” деб сўраганида Раҳм: “Эй Парвардигори олам, мен бунга албатта розиман”, деган эди. Шунда Аллоҳ таоло унга “Менинг сенга ваъдам шудир”, деди”.
Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) эса айтадилар:
“Расулуллоҳ (с.а.в.) битта бармоқларини эгиб: “Раҳим сўзи Аллоҳ таолонинг Раҳмон номидан шу бармоғимдек униб чиққан бир шохчадир. Уни биров узмаса, Аллоҳ таоло узмайди ва ким узиб қўйса, Аллоҳ ҳам уни узиб ташлайди. Қиёмат куни Аллоҳ Раҳмга фасоҳатли, ўткир ва очиқ сўзлайдиган тил беради”, дедилар”.
Демак, қиёматда ким қариндошликни узган ва ким узмаганини очиқ баён қилиш учун Аллоҳ раҳмга тил берар экан ва шу тил билан у кимларнингдир фойдасига ва яна кимларнингдир зарарига ўз даъвосини исбот этаркан. Бу ўринда Расулуллоҳ (с.а.в.) бармоқларини кўрсатиб жуда гўзал ташбеҳ қиляптилар. Чиндан ҳам кишининг бармоғини биров узмайди. У фақат ўзининг эҳтиётсизлиги учун бирон нимада чопиб олиши мумкин. (Ўғирлиги учун чопилса ҳам ўзи айбдор.) Қариндошлик занжирини узгани туфайли Аллоҳнинг раҳм-шафқатидан бебаҳра қолгудай бўлса киши ўзининг эҳтиётсизлиги ёки аҳмоқлигига даъво қилаверсин.
Қариндошлар қандай сабаблар билан узилишиб кетадилар?
*кўп ҳолларда мерос талашиш оқибатида;
*ота-оналаридан мерос қолган бемеҳрлик, лоқайдлик, худбинлик каби иллатларига даво тополмаганлари туфайли;
*кибр хасталигига чалинганлари учун. Бу ҳолда бойроқ қариндош камбағалроқ жигарини менсимайди. Бундан унинг кўнгли ранжийди. Силаи раҳм қиламан, деган ниятда бу кибрли қариндошиникига борганида у нимани кўради? Фақат такаббурликни кўрса эҳтимол чидар. Аммо бадавлат қариндошининг кўзларида “Бу бир нимага муҳтож бўлиб, тиланиб келдимикин?” деган ҳавотирли саволни кўргач, чидаши қийиндир. Аммо бу ҳам Аллоҳнинг бир синови, чидаб сабр қилгани маъқул.
*ҳасад касалига банди камбағалроқ қариндош бадавлатроқ жигарини кўра олмайди. Ҳатто “Худо нима учун унга беради-ю, менга бермайди?” деб Аллоҳ билан ҳам ҳақ талашиб қўяди. Ёки тинмай таъмагирлик қилаверади. Ёки қариндоши ҳақида ғийбат ва иғволарни тарқатаверади. Бадавлат қариндош ундан безади. Аммо бу ҳам унинг учун бир синов, чидаб, сабр қилгани маъқул. Ҳасадчи қариндош бизга ёмонликни раво кўрса, биз унга Аллоҳдан инсоф тилаб дуо қилайлик. Аллоҳнинг уни инсоф ва ҳидоят сари бургани бу сабримиз учун бизга берган мукофоти бўлади.
*қариндошлар орасига совуқчилик тушишига маълум бир одамларнинг билиб-билмай айтиб юборган гаплари ҳам сабаб бўлиши мумкин. На иложки, орамизда гап ташувчилар кам эмас. Гапни шунчаки ташиб қўя қолса майли-я, қўшиб, кўпиртириб юрадиганлари кўп. Шундай номаъқул гапни эшитганда айримлар “бу бир ғийбат-да”, деб ортга ташлаб юборсалар - олам гулистон! Лекин ғийбатлигини била туриб ҳам ғазаблана бошлаймиз. Ҳолбуки, бирон киши қариндошингизни ёмонласа, сиз унга қўшилишиб ёмонламанг. Аксинча, унинг яхши томонларини эслай бошланг. Шунда вужудингизда уйғонаётган нафрат чекинади. Нафратдан
қутула олмасангиз, ўзингизни қийнаб юравермангда, ўша қариндошингиз ҳузурига боринг. “Менга қарши шундай дебсиз” ёки “Менга қарши шундай иш қилибсиз, сабабини тушунтиринг, айбим бўлса мен узр сўрай, сиз эса кечиринг”, денг. Балки сизга ёмонлик истаган қариндошнинг қалби муҳрлангандир, ўзи иймондан узоқдир, у ҳолда кўп айтишманг, жанжалга яқинлашманг. Агар иймон эгаси бўлса, йўл қўйилган хатони бартараф этиш чоралари бўйича биргаликда фикрлашинг. Икки жигар орасида нифоқ қўзғовчилар орасида хотинларни кўп учратамиз. Овсинларнинг бир-бирига нафрати кундошникидан ёмонроқ бўлади. Қариндошлик занжирини узишга интилувчи хотинларни калтафаҳмликда айблаймиз. Лекин уларнинг гапларига лаққа тушиб жигарларидан юз ўгирувчи эрни-чи? Хотин “акангиз (ёки опангиз) ундай” деб ғийбатни бошлаганида эр “Тўхта, сен айтаётган одам билан биз бир қориндан тушганмиз. Шу одам менга йигирма (ёки ўттиз) йилдан бери ака. У менинг бешигимни тебратган. Унинг кимлигини, яхши-ёмонлигини сендан кўра мен яхшироқ биламан”, деб тўхтатса, ҳар қандай хотин иккинчи марта ўйлаброқ гапирадиган бўлади. Яна шундай аёллар бор-ки, тил билан ғийбат қилганлари етмагандай турли илму амал, жодулар билан қариндошлардан қутулиш чораларини излайдилар. Шукрки, бундай бузғунчилардан кўра оқила аёлларимиз кўпроқ. Бир биродаримиз аёллардан гап кетганида шундай деган эди:
-Худо менга оқила аёл неъматини берди. Мен акамдан ранжиб борди-келдини ҳам йиғиштирмоқчи бўлган эдим. Аҳли аёлимга, фарзандларимга ҳам акамникига боришни таъқиқлаб қўйган эдим. Бир куни аҳли аёлим акамни туғилган кунлари зиёрат қилиб келибди. Бориб келганини яширмай ўзи айтди. Ғазабланган эдим, босиқлик билан тушунтирди: “Агар акангиз билан юзкўрмас бўлиб кетсангиз билган-билмаган қариндошлар, танишлар биринчи навбатда мени айблашади. Чунки мен келинман. Жигарлар озгина ҳафалашиб юришиб кейин барибир яқинлашиб кетасизлар. Жигарни жигардан узиб бўлмайди. Акангиз ёмон бўлсалар сиз яхши бўлаверинг”. Шу гапига фаришталар омин дейишган эканми, орадаги нифоқ кўтарилди.
*келажакда узилиб кетмаслик учун қуда бўладилар. Бироқ, ёшларнинг оиласи бузилиши натижасида юзкўрмас бўлиб кетадилар. Айнан мана шу ҳолат кишини ўйга толдиради. Яқин қариндошлик занжирини мустаҳкамламоқчи бўлган ака-ука ёки опа-уканинг айблари тўйдан кейин кашф этила бошлайди. “Қизи ундай экан, яхши тарбия бермабди”, деб бир томон иккинчи томонга мағзава ағдарса, иккинчи томон ҳам тек турмайди. Оқибат эса равшан. Оиласи бузилган йигит ва қиз бошқа турмуш қуриб кетади, бироқ, узилган қариндошлик тикланмайди. Баъзан эса аксинча ҳолат ҳам юз беради. Масалан, ука опасининг ёки акасининг ўғлини куёв қилиш ниятида. Очиқ айтолмайди-ку, бироқ ташрифларини беҳад қуюқ қилади. Бу уйдаги ҳар бир маросимда хотини билан келиб хизмат қилади. Кейин бир куни орқаваротдан эшитиб қолади-ки, у ният қилган йигитга қиз қидиришаётган эмиш. Шунда яқинлари орқали ниятини маълум қилганда “Қариндошдан келин қилмайман”, деган жавобни эшитиб, ташрифларини буткул узмаса-да, аввалги меҳрибончиликларини тўхтатади.
Яна шунга ўхшаган турли катта-кичик сабаблар кўпки, буларнинг биронтаси қиёматдаги ҳисоб чоғида бизга баҳона бўла олмайди.
Силаи раҳмни мукаммал равишда бажаришда қариндошлик ҳақларини адо этишлик ҳам бор. Аллоҳ таоло бандаларига “Қариндошларингга, мискин ва мусофирларга ўз ҳаққини бер!” деб буюради. Исро сурасидаги ояти Кариманинг бу маъносини Абдуллоҳ ибн Аббос шундай тафсир қиладилар: “Бунда Аллоҳ ҳақларнинг энг зарурини беришга буюрди. Маблағи бўлса, амалларнинг энг афзали бўлган қариндошларга, мискин ва йўлда қолган мусофирларга беришга даъват қилади. Агар маблағи бўлмаса, ночор кишиларга қандай муомала қилиш лозимлигини ўргатади: “Парвардигорингдан кутадиган раҳмат (ризқ) қўлингда муяссар бўлмай, уларга қарай олмасанг, уларга мулойим гапир”. Яъни ўша ночор одамни ноумид қилмай “ҳозирча йўқ, аммо яна мол келиб қолар, шуни кутиб турибман”, каби умидбахш сўзлар билан яхши ваъда қилишга чорлаяпти. “Қўлларингни бўйнингга сиртмоқлаб қўйма, яъни бахиллик қилма. “Қўлларингни жуда ҳам ёйиб юборма”, яъни бор-йўғингни бериб юбормаки, у вақтда маломатга қоласан. Чунончи, кейин келганларга ҳеч нима бера олмаганинг учун сени маломат қиладилар. Ҳамма молингни олиб кетганлар сени машаққатга солиб қўйган бўлишади ва сен толиқиб қийналиб ўтираверасан”.
Демак, Қуръони Карим ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, зикр этилган оятларда қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бадавлат қариндошидан бирор нарса олганида унинг ҳузурида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.
Рум сурасида ҳам бу масала яна таъкид этилиб, “Аллоҳнинг юзини кўришни истайдиганлар учун бунинг энг хайрли иш” экани билдирилади. Ризқ бериш Аллоҳнинг лутфи бўлгач, ризқнинг
камайиб қолишидан қўрқмай, қариндошларга ҳақларини бериш керак экан. Яъни, сиз билан бизнинг ризқимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор экан. Бу ҳақни тан олмасак, хасислик билан ўзимизга ўзлаштириш чораларини истасак, бизга буюрармикин?
Баъзан ака-ука (ёки опа-сингил) тутинганларни учратамиз (яхши амаллардан ҳисобланмиш бу одоб хусусида дўстликка оид бобда яна фикрлашамиз). Юсуф Ҳос Ҳожиб ҳазратлари ёзадиларки:
Қодошлиқ киши куси чови бедук,
Одошлиқ киши оти сови бедук.
Қодошинг йўқ эрса юри тут одаш,
Одаш эзгу бўлса, бу - булди қодош.
Дейилмоқчиким: қариндошлари бор одамнинг шаъни шуҳрати улуғдир. Дўсти бор одамнинг эса сўзи улуғдир. Кел, қариндошинг бўлмаса, дўст тут. Яхши дўст қариндош ўрнида бўлур.
Чиндан ҳам шундай. Аммо қариндошидан узилган ҳолда ака-ука тутинишни англаб етиш қийин. “Қутадғу билиг”да яна шундай сатрлар бор:
Ёғиз ер яшил сув ёрошти била,
Оро юз чечаклар ёзилди кула.
Ярашиқ юриса қодош ё одаш,
Улардин бўлур қо қодошқа била.
 Дейилмоқчиким: бўз тупроқ билан кўлмак сув иттифоқ бўлгани учун юз хил гул-чечаклар кулишиб очилди. Қариндош ёр-биродарлар иттифоқ бўлишса, ундан тарқалган гўзал жамоатлар вужудга келади.
Барча яхши хулқлар бўйича энг гўзал ибрат Расулуллоҳнинг суннатларидир. Абу Ҳурайра айтадиларким: “Қуръони Каримда “Эй Муҳаммад, сен ўзингга яқин бўлган уруғ-аймоқларингни менинг азобимдан қўрқит, уларни огоҳлантир” (Шуаро сурасидан), деган оят нозил бўлган вақтида Расулуллоҳ туриб: “Эй Каъб ибн Луай болалари, эй Абду Маноф болалари, эй Ҳошим болалари, эй Абдулмутталиб болалари! Сизлар ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Сен ҳам ўзингни жаҳаннам ўтидан қутқаз! Менга эътимод қилма, чунки қиёмат куни ташвишидан мен сени қутқазишга қодир эмасман. Аммо сизлар билан албатта қариндошлигим бор. Уни мен сизлардан узмайман”, деб ошкора нидо қилдилар”.
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шу хутбаларини унутмасак, юқорида зикр этилган оятлар ва ҳадислар маъносини чақиб, уларга амал қилсак, инша Аллоҳ, қиёматда шарманда бўлмагаймиз. Мазкур мавзу сўнггида яна дуога қўл очайлик:
-Олий, Аъло, Ваҳҳоб сифатли Раббимиз покдир! Бизларга ҳидоят бергувчи ё Раббимиз Аллоҳ, бизларни қариндошлардан бегоналаштирмаётганинг учун Ўзингга шукрлар қиламиз. Вафот этган қариндошларимизга лозим даражада силаи раҳм қила олмаган бўлсак, бу гуноҳларимизни кечир, охиратда улар билан ризоликда кўришмоқликни насиб эт. Ўзимиздаги силаи раҳм одобини мукаммал қилганинг ҳолда зурриёдларимизни ҳам бу неъмат билан неъматлантир. Уларни қариндошларнинг меҳр-муҳаббатларидан баҳра олиб яшашларини насиб эт. Агар шу кунларда силаи раҳмни билиб-билмай узиб қўйган бўлсак, ёки шайтон узишликка васваса қилаётган бўлса, бизларни у лаънати иблис йўлидан қайтар. Бераҳмлиги учун қариндошлари дуоибад қилмасларидан аввал уларга узр айтиб борадиган солиҳлардан қилгин бизларни. Омийн ё Раб ал-оламийн!
Азизлар, бу суҳбатимиз сизларга маъқул келдими ё йўқми, билмайман. Ҳар ҳолда маъқул келишига умидим бор. Агар шундай бўлса, ҳар биримиз ўтган кунларимизни эслаб кўрайлик. Эҳтимол, қайсидир қариндошимиздан озми-кўпми узоқлашгандирмиз. Шундай бўлса, ҳадиси шарифда зикр этилган, холаси билан ярашиб келган одам сингари бугунми ё эртагами, ҳар ҳолда кўп кечиктирмай, унинг ҳузурига борайлик.

 
ЖАМИЯТНИНГ ДУРРУ ГАВҲАРИ

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз? Рашк - дўстимизми ё душманимизми? Шулар ҳақида фикр юритишга ҳозирланайлик. Аллоҳ бизларни адаштирмасин.

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу “жамиятча”нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайсики жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаҳш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади. Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Аввалги бобларда зикр этганимиз - ишқ, ота-онага муҳаббат, силаи раҳм ва кейинги бобда фикр юритадиганимиз дўстга муҳаббат ҳам жамият маънавий оламига ўз таъсирини ўтказади. Аммо оила бу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди. Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганда эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғу саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами - ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам аҳли китоблар Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлганлар. Пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этганлар. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишманд файласуфларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан “Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради”, деган аҳмоқона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса “Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!” деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр! Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: “Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?” деб сўралса “Аввал колхоз пахта планини тўлдириб олсин”, деб жавоб беришарди. Колхоз пахта планини бажарса-ку, хўп-хўп, бўлмаса йигит бечора то келаси кузгача юлдуз санаб, ёстиқни қучоқлаб ётаверадими? Агар севган қизи сулув бўлса-ю, бирон чапдаст йигит чиқиб пахта плани бажарилиши кутиб ўтирмай, уни илиб кетса! Урди Худо! Бу ҳозир бизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.
Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ эканда? Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар бир вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.
Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг “Анна Каренина” деб номланган асарига кўзингиз тушган бўлса, у шундай сатрлар билан бошланади: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган
қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи!
Турли халқлардаги оила ва бахт тушунчаси ҳақида сўз очдик, асосий гапларимизга ўтишдан олдин кичик бир мисолга мурожаат қилайлик.
Тилга олганимиз асардаги Анна Каренинанинг оиласи ва унинг ўлими билан Кумушбибининг оиласи ва ўлими орасида қандай фарқ бор?
Икки ёзувчининг тасвирига қараганда бу аёлларнинг икови ҳам ғоят гўзал, икковида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам бу икки лобарларнинг ўлимлари билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари ва оилага садоқатлари бир хилми? Анна -оилали жувон, бегона эркакни севди. Оқибатда ўзини ҳалок қилди. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби - маъсума аёл. У жуфти ҳалолига содиқ. Уни ҳатто кундошидан ҳам қизғанади. Балки ана шу қизғаниши, рашкининг чегарасидан чиққани учун ўлим топгандир? Бу икки аёл ўлими сабабчилари - Аннанинг севгилиси (Эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши - Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай! Кумуш-зайнаблар тақдирини европаликлар ҳаётидан излаб тополмаймиз. Келинг, икки ўлимга доир икки баёнга диққат қилайлик:
“...яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди; соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган; гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди; бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга “Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз”, деган ўша даҳшатли сўзни айтиб турганга ўхшарди... ”
Бу баёндаги “Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди”, деган тасвирга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Муҳаббат деган баҳона билан оилага хиёнат қилган, ибосиз ҳаёт кечирган аёлнинг жасади ҳам бегоналар кўзи олдида ибосиз ҳолатда ётарди. Бу ҳам ибосиз ҳаёт учун берилган бир “мукофот” эмасми! Энди бу тасвирга диққатингизни тортамиз:
“...Ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёқ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланган юзини кўрди ва ва манглайини босди...
-Ойим... Ойим! - деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.
-Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!
Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:
-Худо шифо берар, болам!
Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётгач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:
-Ойи... дада...-сўнгра, - бегим, - деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди....”
Устоз Абдулла Қодирий қаламларидан кўчган бу тасвирнинг ҳар бир нуқтасига диққат билан разм солайлик. Биз истаймизми, истамаймизми, оила масаласини англашда ғарб ва шарқ тушунчалари орасида кескин фарқлар борлигини тан олишга мажбурмиз. Буни юқоридаги икки баён ҳам тасдиқлаб турибди.
Кумуш “эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди...” Бу ҳолат оддий муҳаббат тасвири эмас, балки ўлими олдидан ҳам эрининг мартабасига риоя қилинишининг ифодасидир. “Исломда инсонга сажда қилиш йўқ. Агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим”, мазмунли ҳадиснинг маъносида аёл киши эрига бутунлай итоат этиши лозимлиги англашилади.
Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат бузилган онларда шу оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга интилишади. Эр чақирганда “ҳозир” деб қўядилар-да, ишларини қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин телефондаги узундан узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай қимирламасдан ўтиришлари айб саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан шу айб айтилади. Бу ўринда “демак, эр хўжайин, хотин - чўри мартабасидами?” деган фикрдан узоқ бўлиш керак. Эрга хизмат қилиш чўрилик эмаслигини тўйдан олдин қизларимизга яхшилаб тушунтириб қўйишимиз керак. Афсуски, биз қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Оиладаги эр ўрнини тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: “Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар - яхши хотинлардир” (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ўзгартиришга уриниш бўлса, билингким, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти Каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.
Эзгу зотли Ҳафса бинт Умар яхши хулқли Фотимага дедиларки:
-Сен нечун эрингга бу қадар бўйсунурсан?
Ҳазрати Фотима айтдиларки:
-Менинг эримга бўйинсиниб хизмат этмагимдан муроду мақсадим Аллоҳ таолонинг ризосидир. Шу аснода эримнинг даъво қилмиш нарсаси ҳам тугайди. Яъни эримга кўп хизмат қилмоғим Аллоҳ учундир. Шу йўсин мен эримнинг дунё ва охират даъвосини адо этаман. Бунинг учун эрим мендан хушнуд бўлади.
Яна дедиларки:
-Бир хизмат билан икки тоат енгил бўлди. Бири - Аллоҳ ризолиги. Иккинчиси - эримнинг шод бўлгани. Киши бир хизмат билан бундай улуғ савобларга муяссар бўлгач, нима учун Аллоҳ буюрганга бўйинсунмас экан? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло хотинларга эрларига бўйинсунмоқни буюради.
Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий ўз масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканликларини унутган айрим биродарларимиз борки, уларни ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин? Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмизишни хоҳламаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом динимиз оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди” (Бақара сурасидан). Ислом динимиз эр куч ва қувватли деб, аёлни эр тарафидан эздирмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди. Баъзи бир эрлар дейишсаки: “Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам хумордан чиқмайман. Урмасам қўлим қичиб туради”. Шундайми? Яхши, истагингизни қилаверинг биродар. Аммо бу учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: “У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур”. Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз қандай яшагингиз келса яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимагани, сариқ чақага олмагани, ҳақоратлагани, хўрлагани, қул ўрнида кўргани одамнинг ҳам шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. “Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир”. Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом Вадо хутбаларидаги бу васиятни ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақламак керакдир, дегани бўлади.
Эшитган эдим, ростми ёлғонми, билмайман: лўлиларнинг қайси бир уруғида тўй чоғи куёв бола гулхан атрофида ўтирар экан. Келин эса бўйнига хуржун осиб олиб унинг атрофида айланиб “Ўлгунимча сени боқаман”, деб қасам ичаркан. Шу зайлда уч марта айланиб, қасам ичгач, куёв унга уйланишга розилик бераркан. Бозорларда катта-катта ва оғир-оғир халталарни кўтариб юрган аёлларимизни кўрганимда шу одат эсимга тушади. Бизда никоҳ чоғи эр зиммасига оила ташвиши юкланади. Агар узоқ сафарга отланса ҳам, таъминотни мукаммал қилиб кетиши керак. Аёлларнинг рўзғор харажатларини кўтариб чиқишлари эр учун бир уят бўлса, тижорат мақсадида бегона юртларга бегона эрлар билан юбориши ундан баттар уятдир. Тижорат мақсадида узоққа борган аёлларимиз ҳақида турли миш-мишлар юради, биз уларни маъқулламоқчи эмасмиз. Агар шундай десак, покиза опа-сингилларимизга туҳмат қилиб қўйган бўламиз. Лекин ризқ қидириб узоққа бормаслик ва танмаҳрамсиз юрмаслик ҳақидаги буйруқларга амал қилсалар ўзларига нисбатан ортиқча гап орттириб олмайдилар. Ундан ташқари бизни ранжитадиган нарса - аёллар мусофирликда қийналиб, оғир юклар кўтариб юрадилар, йўл азобини кўрадилар, ўз масъулиятига риоя қилмаётган эрлар эса чойхонада ошхўрлик қилиб ётадилар.
Ўтган асрда Европада эр-хотин ўртасида тенгҳуқуқлилик деган масала кўтарилди. Совет жамияти бунга алоҳида эътибор берди. Аммо аёлларни эрлар билан тенгҳуқуқли қиламан, деб уларни аксинча чўридан баттар ҳолатга айлантирди. Тенгҳуқуқлилик дегани эр нима иш қилса аёл ҳам бажарсин, дегани эмас. Эр қурилишда ғишт терди - аёл ҳам, бетон қуйди - аёл ҳам, трактор минди - аёл ҳам. Бу ўтакетган инсофсизлик-ку! Европада кўтарилган масала бошқача эди. Ўтган асрларда заводда айнан битта ишни бажарган эрга кўпроқ, аёлга эса камроқ ҳақ тўланган. Аёлларнинг халқаро ҳаракати ҳақ тўлашдаги тенгҳуқуқлиликни талаб қилган. Афсуски, тенгҳуқуқлиликни нотўғри тушуниш ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Ўрни келганда айтиб кетайлик: штанга, кураш, бокс, футбол... каби спорт турларида қиз-жувонларнинг қатнашишлари бизнингча дуруст эмас.
Агар диққат қилиб кузатсак, бугунги жамиятларда адолатли мувозанатларнинг бузилиши кузатилмоқди. Ғарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал Анна Каренинага ўхшаганлар бармоқ билан санарли бўлса, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни биз хорижга қилган сафарларимиз даврида ўз кўзимиз билан кузатдик. Ғарбнинг кинофильмлари ҳам фикримизни исботлайди. Ғарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади. Динимизда бундай эмас. Оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда “эркин муҳаббат” деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга хос тушунчалар туғилди. Яъни эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият соҳасидаги мутахассисларга мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай эркакнинг эркак билан аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном - “оила” деб атаяптилар. (Бу ҳақда фаҳш бобида кенгроқ тўхталармиз.)
Динимизнинг жинсий муносабатлар хусусида ғоятда маъқул, ниҳоятда мақбул тавсиялари бор. Биринчидан, никоҳ суннат ва савобдир; никоҳланган кишининг савоби ортади. Уйланган киши уйига бир ҳисса егулик ва ичгулик олиб келса, етти юз ҳисса савоб берилади. Рўзғор тебратиш учун қилинган сарф-харажатлар жиҳод қилиш билан баробар ҳисобланади. Ҳатто никоҳдаги эр-хотиннинг жинсий алоқасида ҳам савоб бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) шу ҳақда гапирганларида саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, биз нафсимизнинг, шаҳватимизнинг орзусини қондирамиз, бундан ҳам савоб топамизми?” деб сўрашганларида жавоб бердиларким: “Албатта! Шундай қилмасангиз, гуноҳ йўли билан қондиришингиз мумкин... Шунинг учун ҳам савобдир”.
Исломда инсон табиатига, фитратига, яратилишига ғоятда мос бир хатти-ҳаракат мавжуд. Эрнинг хотини ёнига узоқ муддат яқинлашмаслиги ҳам дуруст эмас. Чунки у аёлнинг ҳам жинсий хоҳишлари бор, унинг ҳам эҳтиёжларини қондириш керак, деган маънода адолат қилишга чақирганлар. Шунинг учун Исломда шаръий жинсий муаммога эътибор беришган, уни асло айб санашмаган. Баъзан эр-хотиннинг ажралиши сабабларини диққат билан ўргансангиз, оилани бузилишига олиб келувчи жиддий ҳолатларни учратмайсиз. Бизда оиланинг бузилишига айнан жинсий муносбатлардаги етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги сира айтилмайди. Бу айб саналади. Ҳатто айрим эрларнинг ёки аёлларнинг зинога юриб кетишларига ҳам бир-бирларидан қониқмаганлари сабаб бўладики, буни эътибордан четда қолдириш мумкинмас.
Шаъбий (р.а.) айтадилар:
“Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: “Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар”, деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: “Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг”, - деди.
-Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.
Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сурр (р.а.) дедилар:
-Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.
-Аёлнинг қандай шикояти бор эди?
-Аёл эридан “завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди.
Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:
-Ораларида сен ҳакамлик қил, - дедилар.
-Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?
-Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар халифа.
Шунда Каъб халиги одамга:
-Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эрларга хитобан: “агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун   (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар”, дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.
Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:
-Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир,-дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар”.
Бу ривоятда гўзал бир донолик ҳам чарақлаб турибди: ҳазрати Умар эрга тўғридан-тўғри “эрлик вазифангни бажар”, деб амр қилмадилар ва буни доно биродарларига топширдилар. Каъб ҳам ўта нозиклик билан тушунтирди. Чунки у киши ҳам “ибодатингни йиғиштириб, хотининг билан бирга бўл”, дея олмасдилар.
“Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмасдир”, дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айш-ишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун уйланмайдиларми? Шу ниятда энг сулув қизларга етишмоқ учун не-не шумликлар қилмайдилар? Бу шумликни оқибатини биз “оила” дея олмаймиз. Баъзилар эса бой бўлиш мақсадида бой хотинга тузоқ қўядилар. Бунинг натижаси ҳам “оила” эмас. Яна бир хил одамлар фарзандталаб бўладилар ва шу мақсадда оила қурадилар. Баъзи одамлар гуноҳдан сақланиш учун уйланадилар. Яна бир қанчалари уй-рўзғор, саранжом-саришталиклари учун уйланадилар.
Оила қуришда улуғ савоблар борлигини яна таъкид этамиз. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланишади, савоб истагида турмушга чиқишади. Бир илмли одам бир қизни сўраб совчи юборади. “Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ қизингизга уйланмоқчилар. Биз розилигингизни олмоққа келдик”, дейишади совчилар. “У киши жонимни сўрасалар жонимни берай, аммо қизим у зотга муносиб эмас. Чунки қизимнинг икки оёғи шол. У муҳтарам зотга эса хизматларини адо этувчи соғлом жуфти ҳалол керак”, дейди қизнинг отаси узр билан. Совчи қўйган киши қизнинг аҳволидан хабардор эди. “Бу қиз ногирон бўлгани сабабли унга ҳеч ким уйланмайди. Соғлом ва чиройли бўлганида ҳамма кетидан чопиб, ҳоли-жонига қўймасди. Мен шу бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай”, деган қароридан қайтмайди.
Шунга ўхшаш бошқа воқеа: Шуҳрат Умаров исмли шоир биродаримиз бўлардилар. (Аллоҳ раҳмат этсин!) Шуҳрат ака талабалик йилларида йиқилиб, беллари майиб бўлиб ётиб қолган эдилар. Бу ҳолдан хабар топган шоира синглимиз Насибахон тақдирларини шу ногирон шоир тақдири билан боғлашга қарор қилдилар. Ёш ва гўзал қизнинг бу қарори кўпчиликни таажжубга солди. Таажжубланганлар Насибахоннинг ташқи гўзалликларини кўрардилару аммо қалб гўзалликларини, иймон гўзалликларини ҳис қила олмасдилар. Биз шунақамиз: ногирон фақат ногирон билан турмуш қуриш керак, деган бемаъни тушунча билан яшаймиз. Соғлом йигит шол ёки кўзи ожиз қизга уйланса ажабланамиз. Гўзал қиз ногиронни севса ишонқирамаймиз. Демаймизки, Аллоҳ розилиги учун қилинаётган бу амаллар нақадар гўзал! Шуҳрат ака билан Насибахонга Аллоҳ солиҳ ўғил фарзанд берди. Шуҳрат ака ҳали ёш ўғилларига “онангни Ҳаж ибодатига олиб борасан”, деб васият қилган эканлар. Беҳзод улғайгач, ота мерос автомашина сотилиб, васият бажарилди - Аллоҳ она ва болага улуғ ибодатни насиб этди. Насибахон бахтларини айнан шу оилада топганларига ишора эмасми бу!
Улуғлик деганимиз ҳам шу, қаҳрамонлик деганимиз ҳам шу! Оиланинг муқаддас тушунча эканига ҳам мисол шу.
Тилимизда “оила қурди” ёки “оила барпо этилди” каби ибораларни кўп учратамиз. Шунинг қаторида “оила бузилди” ёки “оиласи барбод бўлди” деганлари ҳам бор. Демак, оила умр йўлидаги гўзал бир саройга ўхшатиляпти. Демак, уни қуриш керак. Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, зилзилаю дўлларга бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, “оила” ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас. Афсуски, айрим бадавлат ота-оналар оилани шундай тушунадилар. Фарзандларини моддий томондан тўла таъминлаб оила қурилди, деб хотиржам бўладилар. Тўғри, оила саройини қуришда ота-онанинг вазифаси мавжуд. Аммо тўлалигича қуриб бера олмайди. Бу қурилишда эр-хотиннинг ўзи ҳам фаол иштирок этмас экан, бу сарой дастлаб шоколад каби бўлиши мумкин, аммо сал вақт ўтиб, эрий-эрий йўқ бўлиб кетади. Ўзича эриб кетса, тақдирга тан берилар, аммо бу шоколад қасрни ялашга ишқибозлар ҳам топилиб қолса-чи?
“Уйланишдан олдин иккала кўзингни ҳам катта оч, уйланганингдан кейин биттасини юм”, деган ёзилмаган бир қоида борки, кўпчилик унга амал қилмайди. Аввало йигитнинг ҳам қизнинг ҳам иккала кўзларини катта очишларига ота-оналари йўл қўймайдилар. Кейин эса ёш хотиннинг ҳаракатларини кузатишда битта кўзни юмиш ўрнига тўрт-бешта кўз билан қарай бошлайдилар. Аҳмад Дониш айтган эканларким: “Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар эканлар, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади”.
Йигит ва қиз ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва руҳиятларини мукаммал ўрганишмаса оилани бахтиёрлик пойдеворига қуришлари осон бўлмайди. Чунки яхши оила қуриш учун биргина муҳаббат кифоя эмас. Орада дўстлик ва ишонч ҳам бўлиши керак. Шундай оилаларни учратамизки, эр-хотин бир-бирини севади, турмуш қуришни эса билмайди. Оила қуришда маълум босқичларда биргаликдаги кураш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш талаб этилади. Дейдиларки: “Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади”. Яъни бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қиз унча-мунча хато ва камчиликларни сезмайдилар, сезсалар ҳам эътибор бермайдилар. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса, оиланинг кўзлари ҳамиша очиқ бўлади. У ҳатто тунлари ҳам юмилмайди. Илгари арзимас ҳисобланган камчиликлар жиддий аҳамият касб эта бошлайди. Ота-оналарнинг эса бошлари қотади: ахир бир-бирларини яхши кўришарди-ку? Йигит “шу қиздан бошқасига уйланмайман”, деб қанча “номзодларни рад этган эди-ку? (Қиз ҳам бошқа йигитларни хушламаган эди!)
Бир-бирини билиш - бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билиш эмас. Бу бир-бирига нисбатан ишончли ва ёқимли муносабатда бўлиш, бир-бирига ишониш демакдир. Одам бошқа шахснинг руҳий оламига бостириб киришга уринмаслиги керак. Аёл билан танишиш учун бир неча дақиқа етарли, уни яхши билиш учун эса йиллар керак. Айрим доноларнинг фикрича, аёлни тўлиқ билиш учун эса у билан ажралиш керак экан. Албатта биз бу фикрни ҳазил маъносида қабул қиламиз. Лекин, айрим эр-хотинлар ажралишиб кетишганларидан сўнг, айниқса бошқа оила қурганларидан кейин бир-бирларининг қадрларига ета бошлайдилар. Яхши эрнинг қадрига етмаган хотинга Аллоҳ янада золимроқ эрни, солиҳа аёлнинг қадрига етмаган эрга эса куйдиргувчи хотинни рўпара қилиб қўяди. Чунки эр ёки хотин шайтон васвасасига кириб Раҳмон йўлини унутганлари учун шундай жазони олишлари тайин. Аллоҳ буюрадики: “Эй иймон келтирганлар! ...улар (хотинларингиз) билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар” (Нисо сурасидан). Аллоҳ иймон келтирганлар, деб мурожаат этяпти. Демак, иймон келтирдингми, энди иймон шартларидан бири бўлмиш оиланг ҳаққига риоя қил, тотув яша. Бўлар-бўлмасга жанжал чиқарма. Хотинни янгилашга (ёки эрни) ошиқма. Оилани қайта-қайта бузиш иймонсизларга хосдир.
Европаликларда “эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эрлар учун сўнггиси бўлишни орзу қиладилар”, деган гап бор. Бир қараганда ақлли гапга ўхшайди. Аммо бу ўша томон учун ақлли, уларнинг оила ҳақидаги бузуқ тушунчаларига мос келади. Дейилмоқчики: эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига ҳалол юрса бас. Хотин эса “эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин”, деб орзу қилади. Эътибор беряпсизми, орзу қиляпти! Исломда эса бундай бузуқ ҳолда оила қуриш ман этилади. Оила номусига гард ҳам қўнмаслиги керак.
Ҳозирги кунимизда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетган. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас деб ҳисобланган. Оилага “эркинлик” мартабасини берилиши жамиятни ҳам бора-бора издан чиқаради. Чунки “эркинлик” тушунчаси “нима истасанг қилавер”, дегани эмас. Аллоҳ “Мендан уялмасанг, нима истасанг қилавер”, деб бекорга огоҳлантирмаган. Аллоҳдан уялмадими, демак, ота-онасидан ҳам, қариндошлари, атрофидаги бошқа одамлардан ҳам уялмайди, кенгроқ маънода олсак, жамиятдан уялмайди. Уялмадими, жамият олдидаги бурчини унутади. Жамият қонунларидан юз ўгирган оилалар кўпайса бу жамиятнинг ҳолига вой эмасми!
Ғарбда бугунги кунда оила бобидаги бир қанча бузилишлар мавжуд:
*одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг қўшилувини англаймиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг қўшилувини “оила” деб аташ одамзотни ҳайвонот олами билан теппа-тенг қилиб қўймайдими? Бу фикрни иккинчи бор қайта таъкид этишимиз бежиз эмас. Бу ҳолатни ҳайвонот оламига ўхшатяпмизу, аммо урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ. Эркакнинг эркакка интилиши кўп юз йиллардан бери мавжуд, бироқ, жамият бундайлардан нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган. Лут алайҳиссалом қавмларига юборилган офатни эсласак кифоя қилар? Эндиликда эса бундай “оила” қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат беришга интилиш бор.
*оила қурмай якка-ёлғиз яшашга интилиш кучли. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйича америкаликлар бу соҳада ҳам пешқадам эканлар. Эркакнинг ёки аёлнинг оила қуришдан бўйин товлаб ёлғиз яшаши ҳам оқибатда жамиятни жар ёқасига келтириб қўяди. Илгарилари собиқ иттифоқнинг европа қисмида шундай одамлар рағбатлантириларди. “Мать одиночка” деганлари бўларди. Яъни боланинг онаси бору отаси йўқ. Бу хонимча мутлақо оила қурмасдан кимдандир бола орттирганлар. Шу учун унга навбатдан ташқари уй беришгача борганлар. Мана энди
Россияда аҳоли кескин камайиб кетяпти, деб бонг уриб ўтиришибди. Ўтмиш ғарб файласуфларидан Энгельс хотиннинг эрга бўйсуниши фақат иқтисодий қарамликка боғлиқ. Яъни, эр моддий таъминотчи, агар хотин ўзини ўзи таъминлай олса, эрга бўйсунмай қўяди, деган ғояни илгари сурган эди. Бу ғоя орадан юз йил ўтиб, ўша томонларда ўз исботини топяпти. Лекин бу ғояни ҳаётий ҳақиқатга асосланган, деб бўлмайди. Қайсики оилада руҳий-маънавий тушкунлик ҳукмрон бўлса, бу ғоя ҳам яшайди. Танҳо яшовчи одамнинг (у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ҳаёти қанчалик яхши таъминлаганидан қатъи назар қашшоқликдан иборатдир.
*биз томонларда оила бузиладиган бўлса, эр талоқ қилади ёки хотинни эр ташлаб кетади. Европада эса акси: эрни хотин ташлаб кетади. Русларда “Брошенний муж” деган ибора бор. Уларда хотини ташлаб кетган эр нима қилиши керак, деган муаммо ҳам мавжуд. Хотин эрни ташлаб кетди, дегани отасининг уйига бориб турибди, дегани эмас. Хотин эрни нима учун ташлайди? Севмай қолгани учун. Уларда севиб қолиш ҳам осон, севгидан айниш ҳам осон. Хотинга бошқа эркак ёқиб қолса, эрига: “ранжимагин, мен бошқани севиб қолдим”, деб кетаверади. Бу ўринда оила фақат бузуқлик туфайли бузилади.
Биринчи ҳолат ҳам, иккинчи-учинчиси ҳам юқумли хасталикка ўхшайди. Тез тарқалади, давоси эса ғоят мушкул. Оқибат эса миллатнинг йўқ бўлиб кетишигача олиб бориши ҳеч гап эмас. Демоқчимизки, бизда ҳам бу касаллик нишоналари кўриниб қоляпти. Зийракликни бой берсак, кечикиб қолишимиз мумкин. Қишлоқларда сезилмайди, аммо шаҳарларда эрдан ажралганидан кейин “агар эр шунақа бўлса, эрнинг бети қурсин, жонимни қийнамай, эрсиз ўтаман бу дунёдан”, деб бошқа турмуш қурмай яшовчи аёллар сони камаяётгани йўқ. Биз бу аёлларни бузуқликда айблашдан йироқмиз. Лекин оила билан яшасалар ўзлари учун ҳам, жамият учун дурустроқ бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, агар ким “фалончининг қизи эрдан ажраб кўп қаватли уйда ёлғиз яшаркан”, деб эшитса, хаёлига дарров шум фикр келади. Қўшни аёллар ҳам ёлғиз яшовчи бу хотинни тинмай кузатишади. Агар бирон бегона эркакнинг меҳмон бўлганини билишса, тамом “достонлар” битилаверади.
Турмуш қурмай ёлғиз яшаш ғарбликлар учун янгилик эмас. Насроний дини тобеълари орасида таркидунёчилик одати бор. Насронийлар бунинг учун махсус дайр (роҳиблар яшайдиган монастир)лар қурадилар. Роҳибларга уйланиш, роҳибаларга турмушга чиқиш ман этилади. Улар “Уйланиш ва фарзанд орттириш кишини Ҳақ хизматидан ва Худога яқин бўлишдан четлаштиради”, деган ақидага асосан турмуш қурмасликни комилликдан деб биладилар. Оила қуриш, унинг ташвишлари муқобилида эркин яшаш роҳати туради. Агар одамзот ихтиёри ўзида бўлганида шу роҳатдан бошқасини истамаган бўларди. Аммо Яратган Аллоҳ ҳам эр, ҳам аёл мижозига шаҳватни қўшиб берканки, ана шу шаҳват тақозосига кўра бирга бўлишни истаб, оила қурадилар. Шу сабабли башарият насли Аллоҳнинг иродасига кўра охиратгача сақланиб қолади. Шаҳват тақозоси деганимиз бир сабаб. Аслида оила қуришни, насл қолдиришни Аллоҳ ирода этган, бандаларга фарз қилган. Бақара сурасида бу хусусда шундай маъноларни ўқиймиз: “Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади. (бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао - фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда) Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили - фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қўрқинг, Унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин”. Демак, уйланиш ва оила қуриш иймон талабларидан бири экан. Буни дунёвий мисол билан шарҳласак: бир одам ижарага ер олди, деҳқончилик қиламан, дегани учун унга банк маблағ ҳам берди. Аммо бу одам ваъдасига хиёнат қилди. Ерга қарамади, маблағни бошқа нарсага сарф қилди. Мамлакат қонунига кўра у жиноий жавобгарликка тортиладими, қамаладими? Демак, эрлик қувватига эга одам бу қувватни ишлатишда Лут қавмига ўхшаса ёки бошқа бузуқликлар қилса Аллоҳ белгилаган қонунга хиёнат қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади. Анас (р.а.) ривоят қилган бир ҳадис бор. Набий (с.а.в.) дедиларким: “Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Аллоҳдан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас”. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир”, деб марҳамат қиладилар. Уйланишни истамаганлар илоҳий қонунларга қарши иш тутганлари сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қаттиқ ҳукм чиқарганлар. Саид Абу Ҳилол (р.а.) ривоят қилишларича, Набий (с.а.в.) “Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”, деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса олимлари: “Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!” деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 милён, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 милён экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 милёнга етибди. Франция аҳолиси эса 39 милёнга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 милён ошганлари ҳолда французлар 11 милёнга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай миллат қайғусида шундай ёзган экан: “Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз - французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак”. Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом эттирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 милён, Германияда 76,5 милён Францияда эса 53 милённи ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта Жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримизнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглизларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганлар йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этяптилар.
Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган “Вельт” газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандлигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. “Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?” “Берлинер цайтунг” газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйибди.
Юқорида Россия аҳолисининг камайиб боришидан мамлакат раҳбариятининг ташвишланаётганини баён қилиб эдик. 1982 йилда Латвияда бўлганимда шу ерлик бир ёзувчи “яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди”, деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир милённи ташкил қиларди. Туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак. Иккита фарзанд - ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд - миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила - миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш жиҳатдан суръати тез миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, турли халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар.
Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилишга даъват қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтирмоқликдан сақланиш шарт. Хулоса чиқадики, фарзандлар балоғат ёшига етганида уларни уйлантириш (турмушга узатиш) ота-она зиммасидаги фарз, бажарилиши шарт бўлган вазифа. Агар ота-она вафот этган бўлса бу фарз яқин қариндошлар зиммасига ўтади. Агар улар ҳам бўлмаса бу вазифани маҳалла, қўни-қўшнилар, дўстлар бажарадилар. Ҳозир айрим ота-оналар баҳона топадиган бўлиб қолганлар. “Аввал ўқишини битириб олсин”, “Бир-икки йил ишласин”... Ўқишни битириш, ишлаш орқага сурилса зарари йўқ. Лекин уйланиш - табиий зарурат, уни орқага суриш оила учун уятли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўйсиз, никоҳсиз, ота-она розилигисиз уйланиб олаётганлар бошқаларга ибрат бўлмайдими? Бир биродаримиз қизига келаётган совчиларни сабабсиз қайтараверар экан.
Айтишича, қизига ҳали мебел олмабди. Шу қизи севган йигити билан мебелсиз, энг муҳими ота-она розилигисиз никоҳдан ўтиб олса кимни айблаш керак бўлади?
Оиланинг барпо этилиши гўзал ҳодиса: тўю тамошалар билан нишонланади, бу кунларга йиллар тайёргарлик кўрилади. Барбод этилиши эса хунук манзара, бунга ҳам узоқ ойлар ёки йиллар тайёргарлик кўрилади. Фақат одамнинг ўзи буни сезмайди. Ҳеч ким озгина бирга яшаб кейин ажралишиб кетайин, деган мақсадда оила қурмайди. Лекин...
Лекин нима учун оила бузилади? Бунга аниқ бир жавоб бериш қийин. Ҳар бир ҳолатда ўзига яраша сабаб ёки баҳона бўлади. Лекин алоҳида бир сабабларни умумий тарзда бирлаштириб турувчи сабаблар ҳам мавжудким, шулар ҳақида фикрлашсак:
Сир эмас, оилаларнинг бузилиши ҳоллари бизда ҳам кўпайиб боряпти. Буни айримлар иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашяпти. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Бу фикр бизни оилага хос бўлган асосий масалалардан чалғитиши мумкин. Яқин тарихимизда машаққати жиҳатидан ғоят тенгсиз ҳисобланувчи қаҳатчилик, очарчилик, қимматчилик, уруш йиллари бўлган. Бу балою офатлар машаққатларини ўз бошларидан кечирган отахонлар-онахонлар айтишсин: ўша оғир йилларда оиланинг бузилиши бугунгидай кўп бўлмаган-ку? Мен буни ўз оиламиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Дадам раҳматли Марғилондан, аям раҳматли Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, шу ерда турмуш қурган эканлар. Беш фарзанд кўриб, барчаларини ўқитганлар. Камина бешинчи фарзандман. Қарийб йигирма беш йил мобайнида бизнинг ўз уйимиз бўлмаган. Ижара уйларда яшаб келганмиз. Оиланинг ягона бисоти эски сандиқ уйдан уйга кўчавериш натижасида шалағи чиқиб кетаёзган эди. Гилам деган матоҳни орзу ҳам қилмаганмиз. Мен ўша ўтмишни эсласам, “ҳаммамиз ижара уйларда туғилганмиз”, деб ҳазиллашиб қўяман. Ҳолбуки, бу ҳазил эмас, ҳақиқат эди. Ҳукумат томонидан ҳовли берилиб, бир уй, бир даҳлиз қуриб кўчиб келганимиздан кейин ҳам машаққатлар давом этган эди. Куз, қиш, баҳор чакка ўтган уйларда дийдираб яшардик. Мен бу ўринда шунчаки хотираларни баён қилаётганим йўқ. Бизга ўхшаб азобланиб яшаган оилалар жуда кўп эди. Лекин “қийинчилик важҳидан оиласи бузилибди”, деган гапларни кам эшитардик. Ота-оналаримиз қурган оилани нима ушлаб турарди? Сабр-бардошми? Бир қишлоқда айтиб беришган эди: қийинчилик йиллари қишлоқ раисининг уйида битта атлас кўйлак билан битта тоза тўн сақланаркан. Турмуш қураётган келин ва куёв шу сарпони бир кунга олиб туришар экан. Шундай ҳолатда оила қурганларнинг набиралари энди никоҳга “мерседес”, “лимузин”ларда боришни талаб қилишяпти. Майли, боришса боришсин. Биз фарзандларимизга қийинчилик тиламаймиз. Бизнинг уйимизда гилам бўлмаса, уларнинг уйлари қўша-қўша гиламлар билан тўлсин. Лекин бу моддий таъминот нима учун фарзандларимизнинг бахтли турмуш кечиришларини таъмин эта олмаяпти? Биз шу ҳақда кўпроқ ўйлашимиз шартга ўхшаб қолди. “Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди”, дейдилар. Худди шуни “Кимнинг уйига яхши келин келса, қизлик бўлибди, ёмон келин келса ўғлидан ажрабди”, деб изоҳласак ҳам бўлади. Келин ва куёв танлаш ҳуқуқи биз - ота-оналарда бўлатуриб, нега шошиламиз, нега ўйламай қадам босамиз? Ёшларни-ку, ҳаётни билмайди, ғўр, деймиз. Ўзимиз-чи? Ўзимиз ҳам ҳаётни билмаймизми?
Бизда шу кунларда икки ҳил никоҳ мавжуд. Бири давлат томонидан расмийлаштирилади. Никоҳнинг муқаддаслигини ўзи ҳам ҳис эта олмаган, ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган гўзал хонимлар икки-уч дақиқанинг ичида ишларини бажарадилар. Диний никоҳимиз ҳам ундан қолишмайди. Домланинг қисқагина савол-жавоби билан хутбаси тахминан шунча вақт олади. Дуо қилади-ю, ўзига аталган тугунни қўлтиқлаб жўнаб қолади. Никоҳ ўқиётган домламиз муқаддас ва муаззам сарой пойдеворини қўйишга восита бўлаётганларини ўзлари ҳам ҳис этмайдилар. Никоҳланган айрим ёшлар иймон калимасини ҳам билмайдилар. Исломдаги никоҳ ва оиланинг муқаддаслиги нималардан иборат эканини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Кўпларининг фикрича никоҳ жинсий алоқага рухсатдан иборатдир. Жинсий алоқанинг ижозат этилган ва ман қилинган жиҳатлари мавжудлигини билмайдилар, тарбия берувчи оталари ҳам бундан бехабар бўлсалар эҳтимол. Хабардор бўлган тақдирларида ҳам ўғил билан бу мавзуда суҳбат қуриш одати бизларда йўқким, бу афсусли ҳолдир. Ислом илмидан оз бўлса-да хабари бор домла никоҳ чоғида Қуръон оятлари асосида бу хусусда маълумот бериб қўйиши шарт деб ўйлаймиз. Чунки ғарбнинг беҳаё фильмларини кўраётган ёшларнинг айримлари жуфти ҳалолларидан ўша кинода кўрганларига ўхшаш алоқани талаб қиладилар. Бундай алоқани ўзи учун шармандалик деб билган келинларнинг уйларига қайтиб кетиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Кетиб қолмаган тақдирларида ҳам, куёв боланинг ташқаридан нафсини қондиришга уриниши бошланиб қоляпти. Бизнинг ёш оилаларимизга ғарб шундай балолар даф қиляптики, биз катталар ғофил бўлмайлик. Бу ўринда, отанинг ўғлига насиҳати муҳим. Шу боис, азизлар, бу мавзуда сўз очиш уят ёки одобдан эмас, деган истиҳолага борманг. Тўғри, сиз дафъатан “сен шундай беҳаёлик қилаётган эмишсан”, дея олмайсиз. Бунга асосингиз йўқ. Келинингиз ҳеч қачон сизга шикоят қилмайди. Агар шундай ҳолатлар юз бераётган бўлса у онасига айтиши ва қудалар орқали маълум бўлиши мумкин. Лекин бундай ҳодиса юз беришини кутиб ўтириш шарт эмас. Ўғлингиз бундай
беҳаёликдан узоқ бўлса ҳам, умумий тарзда “баъзилар кинода кўрганларини хотинидан талаб қилар экан, бу гуноҳ ҳисобланади” қабилида, эслатма тарзида айтиб қўйилса зарар қилмайди.
Никоҳ ўқиётган домламиз ёшларга талоқнинг маъносини ҳам англатиб қўйишлари керак. Кўпчилик талоқнинг маъносини билмай яшайди ва кунларнинг бирида ғазабланиб “уч талоқсан!” деб юборади. Шу бир оғиз ҳукм билан оила бузилади. Кейин ярашмоқчи бўлиб боришса, домламиз “уч талоқ” қайта никоҳланмайди, деб қаттиқ туриб оладилар. Бу масалада озгина мулоҳазамиз бор: бу оила шаръий ҳукмлар асосида яшамади, шариат нималигини билмайди, шунинг баробарида эр ҳам хотин ҳам талоқ тушунчасидан бехабар. Эрнинг билгани: “уч талоқсан, уйингга жўна!” Хотин ҳам битта бўғчасини тугиб, боласини етаклаб йиғи-сиғи билан отасиникига қайтаверади. Уларда “идда”, “маҳр” деган тушунча ҳам йўқ.
Агар оила бузилса, биринчи галда хотинни айблашга кўникиб қолганмиз. Қайсидир биродаримизнинг ажралишганини эшитсак, “хотини ёмондирда” деб қўямиз. Камдан-кам ҳолларда “ўзи ёмонда” деймиз. Оила бузила бошлаётганини эшитсак “эр-хотиннинг орасига аҳмоқ одам тушади”, деб ўзимизни олиб қочамиз. Бу таънани ноўрин деб биласизми? Унда эслаб кўрайлик-чи, қайси оилани ўнглаб қўйишга ҳаракат қилдик? “Баттар бўлмайдими!” деб баъзан шу тўхтамга ҳам келамиз. Ахлоққа доир кўп китоблар кўришга тўғри келди. Оиланинг бузилиши масаласи кўрилганда уларда ҳам асосий айб хотинлар зиммасига юкланади. Наҳотки эркаклар фаришта каби беайб бўлсалар? Кунда маст-аласт юрса ҳам эр “яхши”. Хотинини дўппосласа ҳам эр “яхши” -хотин яхши бўлса калтак ермиди! Хотини топиб келганини совурса ҳам эр “яхши”. Яхши... яхши... минг марта яхши! Ҳатто оиласига хиёнат қилиб зино устида қўлга тушса ҳам эр “яхши”. “Ҳа, энди йигитчиликда шунақа шўхлик бўлиб туради-да!” деб қўя қоламиз. Ҳеч маҳал “Аллоҳ зинони ҳаром қилган эди, бу гуноҳи учун тошбўрон қилиниши керак” демаймиз.
Исломда эркакнинг зиммасига моддий таъминот ва жисмоний ҳимоядан ташқари хотинига адолатли бўлиш, унинг ҳаққига риоя қилиш масъулияти юкланган. Хотин кечки овқатни пишириб қўйиб, эрнинг келишини кутади, эр иши кўплиги баҳона, бузуқликда юрмаса ҳам, ошналари билан чойхонада паловхонтўра билан тиллашадилар. Нима деймиз, бу адолатданми? Эр оилада ҳукмрон эканлигини яхши англайди, ҳукмрон мартабасида туриб хотинига фақат қўпол муомала қилади. Хотиннинг ширин сўз эшитишга ҳаққи йўқми? Нима бўлганда ҳам “Қарс икки қўлдан чиқади” деган гап бор. Агар оила бузилиш жари ёқасига келиб қолса, айбни ҳар икки томондан излаш керак. Шунда оилани сақлаб қолиш имкони кенгаяди. Агар айб бир томонга ағдарилаверса, тарозининг бир палласи дош беролмай қолиши мумкин.
Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилади: “Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у ҳолда иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишса (яъни аёл эрининг ҳоли ва хоҳишига қараб ўзи учун эрга малол келадиган даражада нафақа талаб қилмаса, шу билан баробар эр ҳам хотинни ташламасликка, унга зулм қилмасликка рози бўлса) зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар (аёлларингизга) чиройли муомала қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир”. Оятни дурустроқ фаҳм этмоғимиз учун уламонинг тафсирларига мурожаат қилишга тўғри келади:
Маълумки, турли сабабларга кўра эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади.
Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳаққи бўлмиш маҳрнинг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. Нафақа бермасанг ҳам майли, ёки озроқ нафақа берсанг ҳам талоқ қилмасанг бўлди, дейиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатга қараб турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида: “Сулҳ яхшидир”, дейилмоқда. (Бу тафсир шариат ҳукми бўйича яшайдиган оилаларга хос. Бугунги кунда маҳр нима, нафақа нималигини билмай яшаётганлар нима қилишлари керак? Орага совуқчилик тушишига сабаб бўлган ҳолатни аниқлаб, муолажа қилишдан бошқа чоралари йўқ. Бунақа пайтда кўпроқ аёл кишининг ён босиши лозим бўлади.)
Исломда турли усулларни қўллаб оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар ҳам мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида нафсларнинг қизғанишга ҳозиру нозир эканликлари таъкид этилмоқда. Яъни инсон табиатида қизғанишга мойиллик мавжуд. Одам молу мулкни, чиройли нарсаларни ёки мансабни қизғанади. Ана шу табиий ҳол эътиборга олинса, хотин томондан таклиф қилинган молу мулк ёки айрим қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга ундаши мумкин. Лекин инсоний алоқалар фақат молу мулк ёки баъзи бир манфаатлар асосидагина қурилмайди. Балки яхшилик, савоб ишлар қилиш каби ҳолатлар ҳам кўп. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак шу хотиннинг ажралиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.
Ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, эрни мол-мулк билан ушлаб туришнинг ҳам чегараси бор. Агар хотин бадавлат оиладан бўлса-ю, ҳар жанжалда куёв боланинг кўнглини овлаш учун бирон нима совға қилиб турилса: бир сафар уй, кейин автомашина... Айрим беморлар бир хил дорини ичаверишса, аввалига шифо берган шу дори оқибат таъсир этмай қўяди. Мол-мулк билан кўнгил овлаш ҳам шундай бўлади. Ёки куёв бола қимматбаҳо совғаларга ўрганиб, канага ўхшаб қолиши мумкин.
Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг хотинлари ҳам солиҳа ва каромати зоҳир аёл эдилар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари ғазотга кетмоқчи бўлиб, аёлларига:
-Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман, шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан? - деб сўрадилар.
-Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, - дедилар аёллари.
-Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир.
-Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.
Ҳотам ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аҳли аёлларини дуо қилдилар. Қўшни хотинлар келиб “Эрингиздан нечун нафақа сўрамадингиз?” деб ажабландилар. Жавобан дедиларким: “Ул ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир”.
Эр-хотинлик ўртасида Аллоҳ ҳузуридаги тенглик шундай бўлади. Буни англаган оилага бузилиш хавф солмайди. Эр ўз масъулиятига, хотин ўз масъулиятига тенг жавобгарлигини ҳис этиш керак. Тенг ҳуқуқлилик шундан иборат. Эр билан теппа-тенг гап талашиш, теппа-тенг олишиш - тенгҳуқуқлилик эмас, нодонлик. Енгил вазндаги боксчи ҳеч маҳал оғир вазндаги боксчи билан олишмайди. Оилада ҳам мана шу қоидага амал қилинса яхши.
Никоҳ эр ва хотиннинг ҳаётда шерик бўлишлари хусусидаги аҳд-паймондир. Аҳд-паймон ва шериклик турли соҳа вакилларида ҳам учрайди. Айтайлик, ҳунармандчиликда, тижоратда, зироатда... Агар шериклар аҳдларига вафо қилсалар хайрли неъматларга эга бўладилар. Орага хиёнат, ғараз ёки тамаъ аралашса ишларидан барака кетади. Ҳар икки томон ҳам зарар кўради. Никоҳ билан боғланган оила ҳам шунга ўхшашдир. Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса оилада барака бўлади ва бундай оилани биз “фариштали хонадон” деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса “шайтон васвасасидаги хонадон”, деб таърифлаймиз. Агар оиладаги нафрат ўти меҳр ва муҳаббат гулини сўндирадиган даражага етса никоҳ - дастлабки аҳд-паймон бекор қилинади ва бу битим шариат тилида “талоқ” деб аталади. Талоқ хусусида қисман сўзлаган эдик, яна мавзуга қайтишга ҳожат сезилди. Тўғри, оиладаги жанжал тоқат қилиб бўлмас даражага етгандан сўнг орада талоқ бўлмаса эрнинг ҳам хотиннинг ҳам бутун умри ғам ва қайғуга сарф бўлиб қолади. Ислом динимизда талоқ эр ва хотинни шундай балодан асраш учун қўлланилади. Баъзан шундай бўлади: хотиннинг нияти яхши. Нодонлиги ёки тажрибасизлиги, қайсарлиги ёки уқувсизлиги туфайли уй ишларидами ё бола тарбиясидами ёки эрига муносабатидами хато-камчиликларга йўл қўяди. Бундай аёлларни кечириш, уларга марҳамат кўрсатиш керак бўлади. Лекин хотин эрига адоват ва хусуматини доимий равишда кучайтириб бораверса-чи? Бу ҳолатда ҳам дарров талоқ берилмайди. Бу хусусда Аллоҳ буюрадики: “...аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳат кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (шунда ҳам сизга бўйсунмасалар) уринглар! Аммо сизга итоат этсалар уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг Юксак ва Буюк Зотдир” (Нисо сурасидан). Энди мазкур оят мағзини тушунишга уриниб кўрайлик: демак, хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон ҳолат содир бўлса, эрнинг вазифаси биринчи галда насиҳат қилиб, тўғри йўлга даъват этиши лозим экан. Аёлларнинг кўнгиллари табиатан юмшоқ ва эҳтиросли бўлади. Кўпинча маъқул сўзлар ва дўстона ўгитлардан аёллар таъсирланиб, ёмон ишлардан ва амалларидан қайтадилар. Лекин насиҳатлар фойда бермаса-чи? Унда жазо сифатида ўрнини бошқа қилиб, унга икки-уч кеча яқинлашмайди ва шу ҳаракати билан қаттиқ норозилигини билдиради. Ақли бор хотин бу ҳолатни қатъий огоҳлантириш ўрнида қабул қилади. Чунки икки-уч кун ўрнини бўлак қилган эр, оқибатда бутунлай ажрашиб кетиши ҳам мумкин. Демак, бу оддий араз эмас, ажралиш эҳтимолидан огоҳлантириш. Энди дили қотиб қолган аёлга бу восита ҳам таъсир этмади. У вақтда хотинни қаттиқ озор бермаслик шарти билан уриш жоиздир. Ҳар ким англаши зарурки, хотин роҳатланиш учун урилмайди, балки уни тўғри йўлга солиш мақсадидагина қўл кўтаришга ижозат берилади. Лекин табиийки, эрга итоат этишни ўзи учун бурч деб билган аёл ва ўзидан Қудратли Зот -Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорага етиб келмайдилар. “Уриб, дабдала қиламан”, деган фикрдан эр нари бўлиши керак. Унга ҳеч ким хотинини дабдала қилишга ижозат бермаган. (Хотинни уриш фақат бизда эмас, тараққий этган мамлакатларда ҳам бор экан. Яқинда Европанинг бир неча мамлакатида хотинини урганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонунлар қабул қилинди.) Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ҳадисдирки: “Агарда хотинларингиз шаръий ва савоб ишларда сизларга бўйсунмасалар, уларни мажруҳ қилмасдан ва кўкартирмасдан, қаттиқ озор бермасдан уринглар”.
Хотин бу чоралардан кейин бемаъни ҳаракатидан тийилса, эр бошқа баҳона қидирмасдан ҳаддидан ошмаслиги керак бўлади. Эркак бўлганидан мағрурланиб, асоссиз гумонларга бориб, аёлига зулм ва жафо қилиши ман этилади. Асоссиз жафо қилар экан, жабр чеккан аёлнинг ўчини Аллоҳ олади. Баъзи биродарларимиз хотинларини тез-тез урадилар ва бу ҳаракатларини оят ҳукми билан изоҳлайдилар. Ўтмишда ҳам шундай ҳолатлар учраб турган экан. Устоз Абдурауф Фитрат бу ҳақда 1914 йилда шундай ёзган эканлар:
“Нисо сурасидаги ўттиз тўртинчи ва ўттиз бешинчи оятлар таржимаси ва изоҳи билан машғул бўлиб ўтирганимда бир дўстим мулоқот учун келди. Мен шу мавзуда мулоқот қилмоқни орзиқиб кутар эдим. Шу масалани унинг ҳузурида баён қилиб, оятни ўқиб бердим. У кулиб айтди: “Эй Абдурауф, хотинларни уриш ва ҳақоратлаш биз бухороликларни умумий одатларимиздир. Лекин бугунгача бу ярамас ҳаракатимиз шариатга мувофиқ эканини билмасдик. Шукрким, бугун сен бунинг мумкин эканини тушунтирдинг. Инша Аллоҳ бундан кейин хотинларимизни кўпроқ ва яхшироқ урамиз”. Дедим: “Азизим! Масалани тўғри тушунтира олмадим шекилли!? Ислом дини аёллларни уришни ман қилади, балки эркакларга хотинларингизга марҳамат ва муросаю мадора қилиб, ҳурмат қилинглар деб амр қилган. Юқорида мен бу масалани баён қилган эдим. Лекин сенга баён қилган бу масала алоҳидадир. Фараз қилайликки, бир ёмон хислатли ва бадахлоқ аёл бор. Бечора эр хотинининг унга адовати борлигини билиб, унинг ҳаловатини бузаётганини тушунтиради. Хотин қулоқ солмайди. Икки-уч кун хотинидан узоқлашади. Хотин шунда ҳам хулоса чиқара олмайди. Шунда сиз ҳам биласизки, эрнинг хотинига талоқ беришдан бошқа иложи қолмайди. Бироқ Ислом дини талоқни ман қилмоқчи бўлиб, эрга: “Талоқ беришга шошилмагин”, деб амр қилади. Хотиннинг аъзоларини майиб қилмай ва лат бермай уни озгина ургин, зора ёмон ишдан тавба қилса ва муносабати ўзгарса. Менинг изоҳимдан билдингки, Қуръон ҳукми маслаҳат юзасидан бўлиб, аҳли Ислом оилалари учун, хусусан, мусулмон аёлларига буюк марҳаматдир”. Мен бу шахсий суҳбатни шунинг учун ёздимки, бошқалар ҳам менинг баёнотимни шу дўстимга ўхшаб тушуниб, хотинларини уриш учун баҳона қилиб олмасинлар”.
Тўқсон йил аввал баён этилган бу фикр ҳалигача қадрини йўқотмаган ва Қуръон ҳукмини нотўғри англаб юрган биродарларимизга ҳали ҳам ибратдир.
Эр оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўрди, аммо фойдаси бўлмади, бирга яшашнинг сира иложи қолмади. У ҳолда, начора, ажралишсин, талоққа рухсат берилади. “Агарда эр-хотин тинчлик ва розилик билан ажрашсалар, Аллоҳ кенг марҳамати ва карами билан уларни бир-биридан беҳожат қилади” (Нисо сурасидан). Аммо заруратсиз, балки нафс ҳавосининг тақозоси билан талоқ берилса, албатта гуноҳ ва ҳаромдир, гуноҳкор жазосини олади. Демак, талоққа ижозат бор. Лекин Ислом динимизда хуш ёқмайдиган мубоҳ (мумкин) амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ олдида энг ёмон мубоҳ - талоқдир”.
Баъзан оиладаги ёмон шароит, эрнинг зулми ва бошқа қабиҳ одатлари хотиннинг силласини қуритади ва унинг ўзи эридан талоқ талаб қилади. Бу жараён тез бўлмайди. Ҳар қандай аёл аввалига сабр қилади. Эҳтимол йиллар бўйи бардош берар. Охири сабр-бардош тўғони ўпирилиш даражасига келгач, талоқ сўрайди. Лекин унинг талаблари ҳам асосли бўлиши керак. Бирорта миш-миш ёки гумонларга ишониб ёки бошқа эркакка кўнгил қўйгани сабабли ўз эри билан ажрашни қасд қилмаслиги керак. Бу хусусда саҳоба Суҳбон (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Қайси хотин безарурат ва эҳтиёжсиз эридан талоқ талаб қилса, жаннат ва Аллоҳнинг раҳмати унга тегмайди”.
Айрим сингилларимиз ота-оналарининг хоҳиши билан ўзлари кўнгил қўймаган йигитга турмушга чиқадилар. Оилада кейинроқ бошланадиган келишмовчиликлар заминида хотиннинг айнан шу кўнгилсизлиги ётади. Айрим аёлллар шу кўнгилсизлик сабабли хиёнат кўчасига ҳам кириб қоладилар. Ана шундайларга солиҳа бир аёлнинг гапларини эслатмоқчимиз: ҳакимлардан бири ёш ва гўзал бир аёлни имтиҳон этиш учун бундай дебдилар:
-Сендай гўзал бир аёлнинг шундай хунук эри бўлиши яхши эмас.
Бу гўзалнинг эри чиндан ҳам хунук, бу ҳам камлик қилгандай ҳамиша кир юрадиган, нохуш одам эди. Гўзал хотин уламонинг гапига бу гўзал жавобни берди:
-Эй Ҳаким! Сиз кўп янглиш сўзладингиз! Гапингиз тўғри эмас. Бундай сўзларни сиздай одамдан эшитиб кўп ранжидим. Чунки эримнинг Аллоҳ таоло олдида бир савоби борлигидан бўлса керак, мени ул савобга нисбатан бир мукофот ўлароқ насиб этгандир. Балки мен бирор иш қилган бўлишим мумкин. Ҳақ таоло бу гуноҳимнинг жазоси сифатида мени унга бергандир. Жаноби Ҳақнинг берган тақдирига рози бўлиш керак.
Бу жавобдан мамнун бўлган ул олим гўзал аёлга дебди:
-Болажоним, мен сени диндор ва ақлли бир аёл эканлигингни сезган эдим. Шунинг учун имтиҳон қилиб кўрайин, деган эдим. Қизим, аёлларда жаннатга кириш учун энг буюк нишон -аломат эрларининг ёмон феълларига сабр қилмоқдир. Бу сабр уларни жаннатга олиб боради. Жаннати солиҳа аёлнинг нишони ва аломати эрига итоат этмоғи, эрининг хотирини хуш тутиши, эри йўқлигида хайр-дуо этмоғи ва эрининг мол-мулкини сақлаб, эҳтиёт қилмоғи каби
хусусиятлардан иборатдир. Менинг бу айтганларим солиҳа аёлнинг жаннатга кириши учун бир нишондир.
Ҳар кишининг аёли шундай солиҳа бўлишини Аллоҳ насиб этсин. Эр қадрини билмайдиган жаҳаннами хотинларга Аллоҳ инсоф-тавфиқ берсин!
Эр-хотиннинг ажраши биргина оилага хос масала эмас. Оиланинг бузилишига жамият бефарқ қараб туролмайди. Ҳар томондан оилани сақлаб қолишга уринишлар бўлади. Шу ўринда эр-хотиннинг жанжалидан ўзларини олиб қочувчи биродарларимизга ҳам Аллоҳнинг амрини эслатиб ўтишимиз жоиз: “Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор Зотдир” (Нисо сурасидан). Бу ояти каримада гап ҳам эр, ҳам хотин томонидан келишмовчилик чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетяпти. Шундай ҳолат юзага келдики, энди оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи йўқ. Энди бошқаларнинг аралашуви билан оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши шарт. Эр ўзи рози бўлган қариндош-ларидан, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошларидан ҳакам тайин этади. Агар оила ҳали ёш бўлса, бу вазифани ота-оналар бажаришади. Муфассирлар бу ўринда “ўзи рози бўлган” деб алоҳида таъкид этишади. Бунга сабаб улар тайин этган ҳакамлар даъволарни эшитиб, шунчаки насиҳат қилиб қўйиш билан чекланишмайди. Улар ҳукм ҳам чиқарадилар ва эр ҳам хотин ҳам уларнинг ҳукмига рози бўлишлари керак. Ҳакамлар танланганида ақллари, турмушнинг пасту баландидан ўтиб келган тажрибалари инобатга олинади. Энг муҳими ҳар икки томоннинг ҳаками Аллоҳдан қўрққан ҳолда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак бўлади. Агар ўртада тақво бўлмаса, икки томон ўзи томонга оғиб кетаверса, унда адолат қарор топа олмайди. Бу ўринда тақво адолатни юзага чиқарувчи муҳим омилдир. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада “агар улар ислоҳ қилишни истасалар”, деб уларга ислоҳчилик нисбати бериляпти. Айрим уламо “Ҳакамларга фақат яраштириш - ислоҳ ҳуқуқи берилган”, дейдилар. Яна айримлари “Ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, улар тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади”, дейдилар. Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имкониятлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Ҳакамликка номзод мўлжаллаганда булар ҳам эътиборга олинмоғи шарт. Эр ёки хотин томон ҳакамликка қариндошларидан бирларини танлашгач, унга ажралишга сабаб бўлаётган ҳодиса ёки гапни баён қила бошлайдилар. Шубҳасизки, мағзава қарши томонга ағдарилади. Ҳакамларни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳолат ҳам айнан шунда. Ҳакам донишманд бўлса, айтилганларнинг мағзини чақиб кўради, мантиқ тарозисига солиб чамалайди. Аравани қуруқ олиб қочадиганлардан бўлса, қарши томонни айблашдан бўшамайди. Баъзан бир-бирига мутлақо зид равишда фикрлайдиган ҳакамлар учрашиб қоладиларки, ярашишга умид қилиб ўтирган эр-хотин оқибатда тамоман тескари бўлиб кетадилар. Шундай воқеалардан бири: ёш оила ярим йил ичида бузилиш жари ёқасига келиб қолди. Куёв бола ажралишга асосий сабаб деб келиннинг кийиниш маданиятини кўрсатади. Яъни келин шим кияркан, эрнинг ҳижобга кириш ҳақидаги талабини рад этаркан. Бир қараганда талаб тўғри. Хотин эр хоҳлагандай кийиниб юриши керак. Чунки хотин биринчи галда эрига чиройли ва ёқимли кўриниш ҳаракатида бўлиши керак. Бизда кўпинча тескари ҳолат кузатилади: аёлларимиз уйда ўзларига қарамайдилар, кўчага чиқадиган бўлсалар пардоз-андозни бошлаб юборадилар. Хуллас, йигит томон унинг талабларини мутлақо ҳақ деб туришибди. Келин томондан тайинланган ҳакам эллик ёшлардаги гапга чечан аёл замонавий тарзда кийинган. Ёшига ярашмаса ҳам шим кийган, бошда рўмол йўқ. У шубҳасизки, ўз дунёқараши асосида келинни ҳимоя қилади. Куёв томонни феодалликда айблайди. “Шу қиз биринчи учрашувга чиққанида ҳам шим кийиб олган эди, ўшанда нима учун индамадингиз?” деб куёвга савол беради. Куёв “кейинроқ тўғри йўлга солиб олишга умид қилганини” айтади. Дуруст, куёвнинг шундай яхши нияти бор экан. Аммо бир одамни ўзгартириш учун ярим йил кифоя қилармикин? Келин ҳижобга кириши учун аввал Исломни ўргана бошлаши керак. Талабларини билиб, унга кўника бориши керак. Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:
Замона хотунуни йўлга солмоқ
Эрур осон ул ишдин жанг қилмоқ...
Дейилмоқчиким, бу замонда хотинларни тўғри йўлга солмоқ бир қалъани жанг қилиб олмоқдан мушкулдир.
Бу шароитдаги икки ҳакам гўё сув билан олов каби эди. Эр-хотин четда қолиб улар ўзаро даҳанаки жангни бошлаб юборишди. Бу жангда ҳеч ким ғолиб келмади, оила барбод бўлди халос. Демоқчимизки, ҳакамликка гапга чечанларни эмас, сермулоҳаза, доно одамларни танлаш керак. Шу хусусда яна бир воқеа: эр хотинини бузуқликда айблаб ажрашмоқчи. Исломда шунчаки бировнинг гапи ёки гумон билан ўз аёлини бундай айблаш мумкин эмас. Гувоҳлар билан зино устида ушласагина даъвоси ўринли бўлади. Ажрашмоқчи бўлаётган эр айблайди, хотини бу айбни рад этиб, қасам ичади, айни чоқда эрини туҳматда айблайди. Ҳакамлар иштирокидаги мунозара
узоқ давом этади. Шунда маҳалланинг доно оқсоқоли ҳисобланган ҳакамлардан бири эрни ташқарига имлаб чақиради-да, нимадир дейди. Эр ташқарида бир оз ўйланиб тургач, изига қайтиб, хотини билан ярашажагини маълум қилади. Бу ҳол кўпчиликни ажаблантиради, оқсоқолдан “йигитга нима девдингиз?” деб қизиқишади. Аммо оқсоқол орадаги сирни очмайди. Орадан кўп йиллар ўтди, оила тинч-тотув яшади, фарзандлар кўрди. Тўйлар қилишди. Ажрашмоқчи бўлган ўша эр автомобил ҳалокатида жон бергандан кейин, бир куни отахон менга сирни очдилар. Эрни фикрдан қайтарган гап бундай экан: “Ўғлим, бу хотинни қўйсанг, энди барибир сенга бокира қиз тегмайди. Битта ёки иккита эрдан чиққан хотинга уйланасан. Эҳтимол, сен уйланадиган хотин эридан чиққанидан кейин чакки юриб, яна қанча эркакларни кўргандир. Сен “хотиним битта одам билан юради”, деб гумон қиляпсан. Гумонинг тўғри чиққанда ҳам шу хотининг кейин келадиганидан покизароқ бўлиб чиқади-ку? Ундан кўра гумонни бошингдан чиқариб ташла. Хотинингнинг чин сўзига ишон. Худо ҳам шунга буюради”. Отахоннинг донолиги шундаки, бу гапни кўпчиликнинг орасида айтганида эр қулоқ солмаган бўларди. Аксинча “Ҳали қараб турасиз, онаси ўпмаган қизга уйланаман!” деб кўкрагига урган бўларди.
Албатта ҳар бир оилада ўзаро рашк бўлади. Аслида рашкнинг бўлгани ҳам яхши. Чунки улуғларимиздан Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:
Жамиъ жонворлар тушса кўзга
Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.
Дейилмоқчиким, барча ҳайвонларда ҳам рашк бор, фақат тўнғизда йўқ, модасини қизғанмайди.
Таажжуб фитналикдур бу замона
Тушубдур эрлар аҳволи йамона.
Дейилмоқчики, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини сира рашк қилмайдиган, била туриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эркак даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни, билиб туриб хотинини ёмон йўлга киришига йўл қўйган эркакни айтганлар.
Агар рашк бутунлай бўлмаса эркак тўнғизтабиатли ҳисобланаркан. Яна дерларким: “Ғайрат мардин (ҳақиқий рашкни) бажо келтурғил. Беғайрат кишини киши демағил. Ҳар кишида ғайрат бўлмаса, дини ҳам бўлмағусидир”. Демак, рашк керакли фазилат экан. Бироқ, рашк ўти ҳаддан зиёд аланга олса иллатга айланади. Эр хотиннинг ёки хотин эрнинг ҳар бир қадамини кузатаверса орада ишонч йўқолади. Ишонч йўқолган уйдан файз кетади. Шу туфайли арзимаган нарсадан жанжал чиқаверади. “Бошқасини топганга ўхшайсизда, менинг ҳамма ишларим кўзингизга ёмон кўриниб кетяпти”, дейди хотин. “Битта яримта хушторинг борми, пардозларинг бошқача бўлиб кетяпти”, дейди эр. Қарабсизки, яхшиликка хизмат қилиши керак бўлган рашк оилани бузишга олиб келади.
“Агар сен хотинингга рашклик қилмасанг, у сенга самимият била муносабатда бўлур. У сенга ота-онанг ва фарзандингдин ҳам мушфиқроқ бўлур ва сенга ундин дўстроқ киши топилмас. Агар унга ғайрат кўргузсанг, сенга минг душмандин душманроқ бўлур ва бегона душмандин ҳазар қилса бўлур, лекин ундин ҳазар қилиб бўлмас”. Кайковуснинг бу панди рашкни меёрдан ошириб юборадиганларга ибрат бўлиши лозим. Агар эр хотинига рашкни ошириб уни айблайвермаса, хотин унга ўз ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлар экан. Меёрдан ошса душмандан ҳам баттарроқ душманга айланар экан.
Бир оиланинг бузилишига сабаб бўлган воқеани айтиб беришган эди. Уйга эрнинг дўсти меҳмон бўлиб келган. Хотин хизматда. Эрнинг кўзи пойафзалларга тушади. Қарасаки, меҳмоннинг туфлиси ёнида хотинининг калиши турибди. Хотинини чақиради: “Нега калишинг унинг туфлиси ёнида туради?” Хотин, турган гапки, бунга эътибор бермаган. Шунда эр бошқачароқ даъво қилади: “нима учун сенинг калишинг унинг туфлисига кулиб қараяпти!” Бу ҳолат сизга тентакнамо бўлиб туюляпти, а? Албатта бу аҳмақона рашкнинг кўриниши. Шунга ўхшаш воқеалар такрорланавергач, хотин икки боласини олиб ажралиб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ўша рашкчи яна бир неча марта уйланди. Охири оғир касалга чалингач, сўнгги хотини уни қариялар уйига топширибди. Бундан хабар топган ўғиллари оталарини уйларига олиб келиб тарбия қилишибди. Оналари бунга монеълик қилмабди. Икки дунё саодатига етувчи хотин ва фарзандлар шундай бўлишади!
Оилада дўстнинг ўрни масаласи ҳам муҳимдир. Дўстлик тарихи эр-хотин тарихидан аввалроқ бошланган, маълум синовлардан ўтган бўлади. Айрим йигитларнинг дўстлиги боғча ёшидан бошланган, баъзилариники институтдан. Йигит оила қургач, дўстлардан бир оз узоқлашиши мумкин, аммо бутунлай узилиб кетмайди. Айрим дўстларнинг тўйдан кейин ҳам аввалгидай серқатнов бўлишларини кузатамиз. Айримлари эса дўстининг аҳли аёлига номаҳрам эканликларини англаб, бу хонадонга тез-тез келишдан ўзларини тия бошлайдилар. Ақлли дўст деганда биз шундайларни тушунамиз. Тўғри, номаҳрамлик нималигини билмайдиган серқатнов дўст кўнглида шумлик йўқдир, қалби тозадир. Дўстининг хотинини ўз синглисидай кўрар. Аммо орада шайтон бор, бу бир. Яна атрофдагиларнинг турли гумонларга ёки иғволарга асосланган гап тарқатишлари бор. Ана шу иғво гаплар бир кунмас бир кун эрга таъсир қилиб, ёмон оқибатларга олиб келиши табиий. Дўстлар бирин-кетин оила қура бошлашгач, аёлларини ҳам яқинлаштириш мақсадида “улфат” ташкил қиладилар. Айримлар аёллар учун алоҳида “улфат” ташкил этсалар, баъзилар жуфт-жуфт бўлиб ўтиришни маъқул кўрадилар. Мана шу иккинчи ҳолатда кўп фитналар туғилади. Аёллар аввало бир-бирларини синчковлик билан кузатадилар, шунинг баробарида йигитлар ҳам эътиборларидан четда қолмайди. Янги танишган ёш жувонлар орасида иболи, ҳаёлилари ҳам, шўх, ёки одобсизлари ҳам бўлади. Йигитлар билан баравар аския айтишадиганларни ҳам учратамиз. Демак, даврада турли феъл-атворли аёллар тўпланишган экан, турли қилиқлар ҳам юзага чиқаверади. Йигитлар орасида ҳам дўстининг хотинига кўнгли сус кетувчилар топилмайди, дейсизми? Шундай “улфатлар” шарофати билан бузилган оилаларни кузатганмиз. Сўфий Оллоҳёр ёзадиларким:
Ўшал хотунки, номаҳрам назардур
Агар шамсу қамардур мочайи хардур.
Дейилмоқчиким: хотин бегона эрларга қарагувчи бўлса, гарчи ўзи ойдек, қуёшдек гўзал бўлса-да, уни урғочи эшак, демоқ лозим.
Тилимизда ҳамонки “ёмон хотин” деган ибора мавжуд экан, демак, ҳаётда ҳам шундайлари бор экан. Лекин биз “ёмон хулқли хотин” деб изоҳ берсак тўғрироқ бўлар. Ёмон ёки яхши хотин деган тушунчалар ҳам нисбийдир. Маълум бир хотин маълум оила учун ёмон ёки яхши туюлиши мумкин. Шунинг учун узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Хотиннинг ёмонлиги кимларга нисбатан бўлиши мумкин?
*хотин эр учун ёмон;
*хотин қайнона учун ёмон;
*хотин қўшнилар учун ёмон;
*хотин эрнинг қариндошлари учун ёмон;
*хотин ҳамкасблари учун ёмон.
Нима учун?
*эрини ҳурмат қилмайди, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаради, рашк қилади...
*қайнонасини менсимайди, айтган ишларини вақтида бажармайди, эрига ёмонлайди...
*қўшниларни ғийбат қилади, бир-бирига гап ташийди, хасислик қилади...
*қариндошларининг меҳмон бўлиб келишини хоҳламайди, улар келганда терслик қилади...
*ҳамкасбларини ғийбат қилади, бошлиққа кириб чақади...
Хотин эри билан чиқишмаслиги мумкин, аммо қайнона-қайнотаси, қайинсингиллари билан муносабати яхши. Бу масалани ҳал этиш унча қийин эмасдек туюлади. Қайнона-қайнота келин томон бўлиб, ўғилни тарбия этишга уринишади. Халқда “Эр-хотиннинг уриши - дока рўмолнинг қуриши” деган мақол бор. Лекин баъзан ўша дока рўмолнинг қуриши қийин бўлиб қолади. Набий алайҳиссалом дейдиларким: “Ҳеч бир мўмин ўз хотинидан нафрат қилиши тўғри эмас. Зеро, хотинининг баъзи одат ва атвори унинг назарида ёмон кўринса ҳам, баъзи одатларидан рози бўлади. Бас, унинг ёмонликларини яхшиликларига бахшида этсин”. Агар эрнинг кўнгли кўчадаги жононда бўлса, уни қайтариш анча қийин. Хотиндан биринчи галда сабр этиш талаб қилинади. Эр-хотин бахтли яшашлари учун битта қоидага қаттиқ амал қилишлари керак. Бу қоиданинг номи - БИТТА ГАПДАН ҚОЛИШ! Ҳа, айнан шундай. Битта гапдан қолиш билан олам гулистон! Хўш, ким битта гапдан қолиши керак? Биринчи галда хотин. Эрига гап қайтариб бахтли бўлган хотинни тарихда - минг йиллардан бери ҳеч ким учратмаган, бундан кейин ҳам учратмаслиги тайин. Эр ҳам битта гапдан қолишга мажбур. Эҳтимол, хотин битта гапдан қолган маҳалда эр иккита, баъзан учта гапдан қолса ўзи учун ҳам яхши. Лекин хотин жаврайверса-ю, у индамай ўтираверса, яхшилик бўлмайди. Вақти келганда қайноналар ҳам битта гапдан қолганлари маъқул, деган фикримизни опа-сингилларимиз эҳтимол маъқулламаслар. Лекин баъзан муроса қилиб, келишмовчилик чўғини жанжал алангасига айлантириб юбормаслик учун қайноналар ҳам битта гапдан қолиб турганлари дуруст.
“Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деган гап бор. Орасталик, ўзига меъёр қадар зеб бериш яхши. Биз нима учундир ўзига қараб юришни фақат аёлларга хос, деб биламиз. Айрим биродарларимиз хотини, қизларини чиройли кийинтириб қўядилару ўзлари офтобда куйиб кетган дўппида, ёқаси буралиб кетган куйлакда юрадилар. Бу йўқчиликдан эмас, кўпроқ бефаросатликдан бўлади. Бефаросат деганда биз эрни ҳам, хотинни ҳам назарда тутамиз. Эр кийим-бошга эътиборсиз бўлса, хотин зийрак бўлиши керак, эрига қараши керак. Шундай ривоят қиладилар:
Бир куни ҳазрат Умарнинг (р.а.) ҳузурларига бир хотин эри билан бошлашиб келди-да эрини кўрсатиб:
-Ё Амирал мўъминин! Бу киши менинг эрим бўладилар. У билан қурган турмушимизни ўйлаб кўрдим. Уч ойдирки, тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримда рағбат
кўрмадим. Уч ой давомидаги турмушимиздан бир нарсага ақлим етди: биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.
Ҳазрати Умар (р.а.) қаршисида индамай турган одамдан сўрадилар:
-Сен нима дейсан?
-Ё Амирал мўъминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Мен ажралишни истамайман, -деди эр.
Ҳазрати Умар эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни яхши тушундилар.
-Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин келгин. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.
Хотин кетгач, ҳазрати Умар у одамни ҳаммомга олиб боришни, ювинтириб, тоза кийимлар кийинтиришни буюрдилар. Эркак покиза бир ҳолга келтирилди. Пича вақт ўтгач, хотин келиб башанг кийимдаги озода эрини кўриб қувониб кетди. У ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Мўъминларнинг халифаси ҳазрати Умар (р.а.) шу ерда ҳозир бўлганларга қараб дедилар:
-Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сизни яхши ва покиза кийинганингиздан завқ оладилар, сизларни ясанган бир ҳолда кўришни истайдилар.
Агар хотин эри билан яхши бўлиб, қайнона билан чиқишмаса, кўпинча бу масалани уларнинг рўзғорини бўлак қилиш, баъзан эса уларни бошқа уйга кўчириш орқали ҳал қилишга уринадилар. Қайнона-келин муносабати энг чигал айни пайтда мавҳум масалалардан бири. Агар уларнинг даъволарини эшитсак, умумийликни кўрамиз. Қайнона дейдики: келин дангаса, ишёқмас, уйнинг тозалигига яхши қарамайди, муғомбир, онасига гап ташийди, катталарга гап қайтаради... Келин дейдики: қайнонам биринчи кундан мени чиқиштирмайдилар, ҳар қадамимни ўлчайдилар, бир пас дам олишимни ҳам кўролмайдилар, овқатга тузни ўзлари солиб, эримнинг олдида “шўр қилиб қўйибсан”, деб уришадилар... Қайнона-келин муносабатида бир нарсани унутамиз: қайнона билан келиннинг ёш жиҳатдан камида йигирма йиллик фарқи мавжуд. Баъзи қайноналар келинлари билан уришиб қолсалар “Мендан ёш-ку, ўзимни ҳурмат қилмаса ҳам ёшимни ҳурмат қилмайдими!” деб нолийдилар. Биз фарқни фақат ёшда, йилларда кўрамиз. Аслида орадаги йигирма йиллик фарқ - дунёқарашдаги фарқ дегани. 40-50 ёшдаги аёлнинг ҳаёт тажрибаси ўзига яраша дунёқарашини шакллантирган. 20 ёшли жувон замоннинг таъсирида бу дунёқарашни инкор этиши ҳам мумкин. Бундайлар орасида “қайнонамнинг фикрлари эскириб қолган”, деган гапларни эшитамиз. Бу нуқтада икки шахснинг тўқнашувини шунчаки оилавий можаро эмас, ижтимоий масала сифатида ўрганишимиз ва ҳал этишимиз керак бўлади. Буларни биз бедаво дард эмас, тузатиш имкониятлари мавжуд арзимаган камчиликлар деб қабул қилишимиз керак. Бу камчиликлар туфайли оила бузилса, қайнонани айблашга ҳақлимиз. Баъзан келин камчиликларини тан олиб тузатишга киришса ҳам, қайнона бўш келмайди, талабларини янада кучайтираверади. Шу ўринда бир фикримиз борки, буни ҳам опа-сингилларимиз рад этишлари мумкин. Халқимизда “Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди”, деган мақол бор. Бу келин келиб, ўғлимни ўзиники қилиб олди, дегани. Айрим аёлларда ўғлини қизғаниш ҳисси бўлади. Ўғил уйланиб, келин билан ётоғига кириб кетганидан кейин она қалбида бир узилиш бўлади. Яъни, ҳамиша ёнида бўлган ўғил энди ўзганинг ихтиёрида. Балки шу ҳис онада келинга нисбатан норозилик уйғотар? Бу руҳият муаммоси. Фикрни бирданига рад этмайлигу, ўйлаб кўрайлик. Қайнона-келин муаммосини ҳал этишда шу руҳий ҳолатни ҳам назардан четда қолдирмайлик. Айниқса ўғил фарзандлар шу масалада эҳтиёт бўлишлари керак. Тўйдан кейин онага бўлган эътиборни зарра қадар ҳам камайтирмасликлари шарт.
“Кўча хандон, уй зиндон” деган таърифни эшитганмиз. Гарчи бу ибора кўпроқ эркакларга нисбатан қўлланилса-да, баъзан аёлларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Чунки айрим аёлларга уй зиндон, ишхона эса жаннатдай кўринади. Нега? Аёлнинг феъли шундайми ёки уйдаги шароит чиндан ҳам зиндон, ишхонадагиси жаннатдайми? Агар аёлнинг феъли кўчага мойил бўлса, унинг тарбияси осон кечмайди. Агар уйдаги шароит ёмон бўлса, унинг муолажасини қилиш шарт. Хотиннинг қўшни, қариндош, ишхонадаги ҳолатига кўп тўхталмаймиз, бу бошқа бобларда алоҳида ўрганиладиган масала.
Ёмон хулқли хотиннинг мавжудлиги замонга, жамиятга ҳам, хонадоннинг бой ёки камбағаллигига ҳам қарамайди. Агар камбағаллик ёмон хотинларни юзага чиқарса, дунёни ёмон хотинлар босиб кетарди. Ҳолбуки, камбағал оилаларда ёмон хотинларни камроқ учратамиз. Агар оиланинг бахтини бойлик белгилаганда эди, биронта бой хонадонда оилавий жанжал кўтарилмас эди. Ҳолбуки, бой хонадонлардаги оилаларнинг бузилиши кўпроқ кузатиляпти. Бу ҳолат фақат бугунги кунимизга хос эмас. Келинг, тарихга назар ташлайлик: Бобур ҳазратлари “Бобурнома”да Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ҳақида ёзадилар: “...аввал олғон хотуни Бека Султонбегим эди, Санжар мирзо Марвийнинг қизи эди. Бадиуззамон мирзо мундин туғиб эди. Кўп кажхулқ эди. Султон Ҳусайн мирзони кўп оғритур эди. Кажхулқлиғидин мирзо батанг келди, охир қўйди ва халос бўлди, не қилсун ҳақ мирзо жониби эди.
Зани бад дар саройи накў
Ҳам дар ин олам аст дўзахи ў.
(Дейилмоқчиким: яхши кишининг хонасидаги ёмон хотин шу дунёнинг ўзидаёқ унинг дўзахидир.)
Тенгри ҳеч бир мусулмонға бу балони солмағай.
Ёмон хўйлуқ, кажхулқ хотун илоҳий оламда қолмағай”.
Маликанинг нима учун ёмон бўлгани бизга маълум эмас. Бобур мирзо ҳам буни бошқалардан эшитиб ёзган бўлсалар ажаб эмас. Эҳтимол, малика эрининг кетма-кет хотин олаверишидан, бу ҳам етмагандай канизаклар билан маишат қилаверишидан безиб, жанжал қилгандир?.. Машойихлар эрларни ёмон хотин балосидан бот-бот огоҳлантириб келганлар. Мана, шулардан бири: “...дўст бўлмағон хотиндин қочғил, нединким, дебдурлар: “Кадбону (ишчан уй бекаси) бўлмағон тезроқ банд бўлур, аммо у масобада (ҳолатда) эрмак. Бунингдек хотин сенинг молингни қўлингдин олиб, сўнгра сени унга молик бўлурға қўймағай, ундин сўнг сен унинг хотини бўлурсан, лекин у сенга хотин бўлмас”.
Сўфий Оллоҳёр ҳам ёмон хотинлар хусусида бир қанча байт айтганларки, танишсак зарар қилмас:
Йамон бўлса, наъузу биллаҳ андин,
Зиёндин ўзга ҳеч қолмас йамондин.
Дейилмоқчиким: олган хотин ёмон чиқса, бу хотин қўлидан зиёну ёмонликдан бўлак нарса келмас. Бундайин хотинлар шумлигидан Аллоҳга сиғиниб, паноҳ тилаймиз.
Йамон хотун шайотин қамчисидур,
Қўлинг боғлағувчи арғамчисидур.
Дейилмоқчиким: ёмон хотин гуноҳлар дарёсига чўктирувчи (мазкур байт ҳадиси шариф асосида айтилган).
Ду олам нари бўлса, нари кетсун
Кўзинг кўрмаса шум дийдори битсун.
Дейилмоқчиким: бу ёмон хотин икки дунёнинг дўзахидир ва уни ўзингдан нари қил. Бу икки дунё тамуғи кетсин, ботсин, битсин, дея талоқ қил.
Агар чандеки, бузургзодадир ул,
Яқин бил, тўрт оёқлиқ модадир ул.
Дейилмоқчиким: ёмон хотин гарчи пайғамбарзода бўлса ҳам, билгилки, шу ёмонлиги учун тўрт оёқли урғочи ҳайвондан бошқа нарса эмас.
Ҳа, олган хотининг жоҳил, хоин чиқса хотин эмас, бошингга бало олган саналасан. Бир уйда аёлнинг овози баланд чиқса, яъни эр сўзини тингламаса, унга итоат этмай, гап қайтараверса, у уйда хайр -яхшилик бўлмайди, бу уйдан саодат кутилмайди, кутилгани билан етишиб бўлмайди.
Хўп, ёмон хулқли хотинларга шунчалик нафратимиз бор экан. Уларга нисбатан энг сўнгги чора мақолда ҳам айтилган: “Қўшнинг ёмон бўлса - кўчиб қутиласан, хотининг ёмон бўлса -қўйиб қутиласан”. Бу сўнгги чорадан Аллоҳ асрасин. Ёмон хулқли аёлларга хушхулқ насиб этсин.
Худога шукрким, ёнимизда ёмондан кўра яхши аёллар кўпроқ. Хўш, кимларни яхши деймиз?
*олижаноб, покиза ва қалби гўзалларни;
*ақлли, қаноатли, иффатли, вафолиларни;
*барча ҳаракатларини ўйлаб қиладиган, эрининг борида ҳам, йўғида ҳам ҳурматлаб, ўзини ва номусини сақлайдиганларни;
*яхши ва ёмон кунларда фидокор бўлишни ўзларига шиор қилиб олганларни;
*юзидан кулги аримайдиган, тили ширин, қўли баракали, қадами қутлуғ бўлганларни...
Яхши аёлларга хос фазилатларни баён қилиб, сиз азизлар учун ҳеч бир янгилик кашф қилганим йўқ. Бу фазилатларни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Лекин мен диққатингизни икки нарсага қаратмоқчиман: аввало бу фазилатлар фақат аёлларга хосми? Эркаклар учун зарур эмасми? Бизнингча зарур. Иккинчидан, фарзандларимизни, айниқса қизларимизни бу фазилатлар асосида тарбия қиляпмизми?
“Кимнинг хотини дўст, меҳрибон ва уйи саранжом-саришта бўлса у киши ҳақиқатан бахтиёрдир. Агар хотининг иффатли, номусли, очиқ юзли ва ширинсўзли бўлса, у хоҳ гўзал, хоҳ хунук бўлсин, бирибир уни сев, яна ҳурмат қил. Бу сўзлар ёлғиз хотинларгагина эмас, эркакларга ҳам махсусдир. Эр ва хотин ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлсалар, уларнинг кўзлаган ҳамма мурод ва мақсадлари ҳосил бўлди, демакдир”, дейдилар. Машойихлар дерларким: “Хотин пок ниҳод (тоза табиатли) ва пок дил бўлсун; кадбону (ишчан уй бекаси) эрига дўст бўлғай. Ҳаёлиғ, тақводор, тили қисқа, молни яхши сақлағувчи бўлсин. Дебдурларки, яхши хотин эрнинг ва умрнинг роҳати бўлур. Агар хотининг хўбрўй, меҳрибон ва мақбул бўлса ҳам ихтиёрингни унга буткул бермағил ва унинг ҳукми остиға кирмағил. Нединким, Искандарга дебдурлар: “Доронинг қизин нима учун олиб хотин қилмассан, бағоят хушрўйдир?” Искандар деди: “Жаҳон халқиға ғолибман, энди бир хотинга мағлуб бўлсам, кўп ёмон кўринур”.
Эр сўзига қулоқ солган, Аллоҳ амрини адо этган хотин фақирни (камбағални) подшоҳ қилади. Кимнингки кўнгил ҳабибаси бўлган аёли, хонадонининг бекаси ўзига уйғун ва мос бўлса, ўша одам энг бахтиёр кимсадир. Ҳар куни тонг отгандан то оқшомгача ишда банд, узун тун бедорлик билан ўтса-ю, аммо ёнингда кўнглингни овловчи, сенга тасалли берувчи, қийинчилик ва машаққатингга шерик, дардингни олувчи бир аёл - беканг бўлса, бу дунё ташвишларидан сира қўрқмасанг ҳам бўлаверади. Кимнингки уйи маъмур, ёстиқдоши уни жондан севучи экан, демак, Жаноби Ҳақ ўша қулига раҳмат назари билан қараяпти экан. У одам Аллоҳнинг лутфига эришган бахтиёрлардан экан. Диққат қиляпсизми, ҳаёт қонуни асли шу - Аллоҳни, Пайғамбарни таниган хотин эрга итоат этади, бундай хотин эрнинг бошига бахт тожини кийдирувчидир.
Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг ёмон хотинлар ҳақидаги фикрлари билан танишдик, яхши хотинлар ҳақида нима деган эканлар?
Хуш ул зан билмаса беҳуда дерни,
Сучук лафзи билан шод этса эрни.
Дейилмоқчиким: яхши хотин беҳуда сўзларни айтишни билмас. Аммо ширин сўзлари билан эрини шод қилур.
Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,
Уни чиқмас, ани айтурга бир кун.
Дейилмоқчиким: агар хотин яхши бўлса, эрининг уйида ўн йил давомида ун бўлмаса, бировга ҳеч вақт ун йўқ, деб ун (товуш) чиқармас, шикоят қилмас.
Ровийлар дерларким, фақир бир одам уйланиб, ўғил фарзанд кўрди. У ўғлини бағоят севар эди. Бола тиш чиқара бошлагач ота нолиб қолди:
-Қара, тишлари чиқиб қолди. Энди овқат ейишни хоҳлайди. Энди мен унга овқатни қайдан топиб келаман?
Эрининг ақлини, дидини билган солиҳа хотин уни шундай деб юпатди:
-Эй менинг соддагинам, тушунчаси нуқсонли эргинам. Сиз кўпам васваса қилаверманг. Фарзандимизга тишни Аллоҳ берган, унга овқатни ҳам Ўзи беради. Бутун оламга ризқ берган Жаноби Ҳақ Қодирдир. Гўдаклар, чақалоқларнинг ҳам ризқини беради. Сиз ташвиш қилманг!
Чиндан ҳам чақалоқларга она қорнида сурат ва шакл берган Аллоҳ уларнинг ризқларини, умрларини ҳам берадир. Агар аёл солиҳа эмас, бу ҳақиқатдан узоқ бўлганида эди шаддодлик ёки қўполлик билан “Сиз отасиз, топиб келиш бурчингиз”, деб дилини хира қилиши тайин эди.
Бир чўпоннинг солиҳа, фаросатли хотинига ҳамма ҳавас қиларди. Ҳамма шу чўпонни “энг бахтли одам” деб таърифларди. Қишлоқда кимки хотини билан келишолмай қолса: “Бор, чўпоннинг хотинидан ибрат олиб кел”, дерди. Бир куни хотини билан жанжаллашиб қолган қишлоқ оғаси ҳам шундай деди. Хотин “Мен кимману чўпоннинг хотини ким! Ундан нимани ўрганардим!” деди. Кейин “бу хотинни ҳамма мақтайди бир бориб кўрайинчи”, деб қизиқиб йўлга чиқди. Борса, чўпон хотини ҳовлидаги идишда турган сувдан олиб ичаётган экан. Қишлоқ оғасининг хотини чанқаган эди, “шу сувдан ичайин”, деб сўради. “Хўп, - деди чўпон хотини, -сизга ҳозир ичкаридан муздай сув олиб чиқаман, бу илиб қолган”.
-Ичкарида муздай сув бўлса, ўзингиз нима учун бу илиган сувдан ичяпсиз? - деб ажабланди оғанинг хотини.
-Хоним, эрим бу онларда далада, жазирамада юрибдилар. Мешларидаги сув қуёш нурида илиб қолгандир. Эрим у ёқда илиган сув ичсалару мен бу ерда муздек роҳатбаҳш сув ичсам, меҳрибон хотинлигим қаерда қолди!
Бундай фаросат эгасини ҳар бир эркак орзу қилади. Бу бахтиёрликдир. Бундай бахт мол-мулк, бойлик, давлатмандлик, хонлик, беклик ёки ўқиган, катта мартаба соҳиби бўлиш билан қўлга киритиладиган давлат эмас. Баъзан икки карра иккининг тўртлигини билмайдиган одам илмли, фаросатли, оқила аёлга эр бўлади. Худди шу ҳикоядаги чўпон каби! Инсон мол-мулк топа олади. Қўлидан ҳар нарса келади. Аммо яхши аёл қўлда ясаб оладиган неъмат эмас. Аллоҳ кимга солиҳа бир хотин берган бўлса, ул одамга, ул қулига барча эзгуликларни, хайрли нарсаларни ўзида мужассам қилган неъматни берганидир. Агар кимгадир кўнглидаги бир аёлни бермаган экан, у қанчалик бадавлат бўлмасин, қандай мартабага эришмасин ва мақсадига етмасин, бу одам барибир фақир ва заволлидир. Чунки унинг кўнглидаги хоними йўқдир. Демоқчимизким, яхши хотинни истаган эр аввало Аллоҳ ҳузурида бу неъматга арзийдиган солиҳ банда мартабасига етсин. Оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрайлик: ёмонликлари туфайли дўзахга лойиқ бандасига Аллоҳ бу дунёнинг жаннатини раво кўрармикин?
Яхши хотинга эга биродарларимизнинг айримлари баъзан хотинларини бирон бир даврада мақтаб қўядилар. Билмайдиларки, хотинни мақташ одобдан эмас, чунки одатда сотилгувчи нарса мақталади. Бир янги уйланган йигит тақдиридан қувониб, мақтанибди:
-Амаки, келинингиз шундай назокатли, фаросатлики, сиз билмайсиз.
Амакиси жиянига насиҳат қилиб ўтирмай, оқшомда меҳмон бўлиб боришни тайинлабди.
Жияни келгач, амаки хотинига тарвуз олиб келишни буюрибди. Хотин олиб келибди. Амаки тарвузни кўриб: “Буниси яхши эмас, бошқасини олиб кел”, дебди. Хотин итоат билан
иккинчисини олиб келибди. Шу тарзда эрнинг хоҳишига қараб ўн марта бошқа тарвузга қатнабди. Аммо лом-мим демабди. Жияннинг таклифи билан эртасига амаки меҳмонга борибди. Жиян ҳам хотинига тарвуз келтиришни буюрибди. Биринчи тарвузни кўриб: “Бу яхши чиқмайди, бошқасини олиб кел”, дебди. Жувон итоат билан иккинчи тарвузни олиб келибди. Жиян бундан мамнун бўлиб, амакисига “кўрдингизми!” дегандай кулиб қарабди-да, “бу ҳам бўлмайди, бошқасини олиб кел”, дебди. Учинчи тарвузни ҳам бўлмайдига чиқариб қайтармоқчи бўлганида жувон:
-Нима, бир арава тарвуз тушириб қўйганмисиз, ҳали унисини, ҳали бунисини олиб кел, деяверасиз. Бор-йўғи учта тарвуз бор уйда, ёқмаса турингда яхшисини ўзингиз танлаб олинг. Мен танлашни билмайман! - деб норозилигин баён қилибди.
Шунда амаки жиянига деган экан:
-Кўрдингми, болагинам, сен кўпам мақтанавермагин. Менинг уйимда бир донагина тарвуз бор эди. Хотиним яхши феълли, фаросатли бўлгани учун менга эътироз билдирмай ўша битта тарвузни ўн марта олиб келди. Лекин бирон марта итоатсизлик билан гап қайтармади, лабини ҳам бурмади.
Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг битикларини ўқишни давом эттирамиз:
Сирин фош айламас, гар ғамда бўлсун,
Агар танг бўлса, айтур: “Бўлса - бўлсун”.
Дейилмоқчиким: яхши хотин ўзи аламда бўлса ҳам, эрнинг сирин асло фош айламас. Агар рўзғори тангликда қолганини биров айтса, эслатса ҳам “бўлса бўлар, эртага Худо бериб қолар”, деб ўзга сўз айтмас. (Бунга ибратли мисол тариқасида Умму Дардога хос сабрни “Энг яхши дўст” бобида зикр этажакмиз, инша Аллоҳ.)
Агар заннинг мунингдек бўлса хишти,
Ани дегил бу дунёнинг беҳишти.
Дейилмоқчиким: агар хотиннинг сифати юқорида баён қилинганидек бўлса, ул хотинни бу дунёнинг жаннати бил.
Иликка тушса мундоғ нозанин гул,
Дегил бу сандадур бўсанда, ман - қул.
Дейилмоқчиким: Аллоҳ таоло насиб айлаб, шундай хотин қўлингга тушса, нимаики сиринг бўлса, яширмай айтишинг мумкин ва уни қучиб, бўса олиб “қулингман сенинг” десанг ҳам арзийди.
Бундай фазилатли аёллар ҳар бир эркакнинг орзусидир. Айни чоқда яхши фазилатли эрлар ҳар қандай аёлнинг орзусидир. Яъни, ақлли хотинни орзу қилмиш эрнинг ўзи ҳам ақлли бўлмоғи шарт. Вафони талаб қилувчи эрнинг ўзи аввало вафоли бўлсин. Аллоҳ ҳар бир эркакка ўзига яраша қизни насиб этади. Диққат қилайлик: ақлли одамга камдан кам ҳолларда аҳмоқ хотин дуч келади. Чунки, ақлли йигит дуч келган қизга уйланавермайди. Фақат қош-кўзларига эмас, гап-сўзларига, одоб-ахлоқига эътибор беради. Эр-хотиннинг ақл-заковати, феъли, зеҳни-фаросати орасида кескин фарқ бўлмаса уларнинг турмушлари яхши кечади. Бир-бирларини тушунишлари осон бўлади. Улуғлардан шундай панд-насиҳат бор: “Хотин олсанг улуғ салоҳлиғ (яхши) хонадондин хотин талаб қилғил. Ҳар турлик авбошнинг қизин олмағил, нединким, хотинни уйнинг кадбонлиғи учун олурлар, шаҳват учун олмаслар. Хотин камолга етғон, оқила бўлғон, онасининг кадбонлиғин (сариштали уй бекаси эканлигини), отасининг кадхудолиғин (оила хўжаси эканини) кўрғон ва билғон бўлсун. Агар бундай нозанин қўлингга тушса, уни асло қўлдин чиқармағил ва жаҳд қилиб уни олғил”.
Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким “ўзимга ўхшаган бирор билимдон қиз топилмагунича уйланмайман”, деб аҳд қилган экан. Қайлиқ ахтариб мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари бир одам унга йўлда ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:
-Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми? - деб сўрабди.
-Ажаб бетамиз одам экансиз, - дебди ҳамроҳи аччиқланиб, - ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману, сизни қанақасига кўтараман?
Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан экинзорга қараб:
-Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан? - деб ҳамроҳига қарабди.
-Жиннига ўхшайсиз-а! Буғдойи пишмаган, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!
Шан яна индамабди. Яна бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.
-Бу одам ўлдимикан ё ҳали ҳам тирикмикан? - деб Шан ҳамроҳидан сўрабди.
Ҳамроҳининг баттар жаҳли чиқибди:
-Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Қабристонга кўтариб олиб кетилаётган ўликни тирикми ё ўликми, деб сўрашингиз ақлли одамнинг гапи эмас. Илтимос, энди гапирмай жим кетинг. Гапирсангиз кўнглим озиб кетяпти.
Шундай қилиб индамай юраверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам “мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай”, деб уйига таклиф қилибди. У одамнинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан “Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?” деб сўрабди.
-Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим, - ота шундай деб бўлиб ўтган гапларни сўзлаб берибди.
-Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, - дебди қиз.-Сизга айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: “Йўлнинг заҳматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?” “Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?” деб “Бу ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутилиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин”, деган маънони назарда тутган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилгандай бўлади. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси шу: “бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин ёҳуд жоҳил ва фосиқлигидан, ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?” Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.
Шунда ота чиқиб қизининг айтганларини билдирибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач сўрабди:
-Бу шарҳ сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Яхшиси бу сўзларни ким ўргатганини айтинг.
Қизнинг отаси ҳақиқатни айтишга мажбур бўлгач, Шан шунча йиллардан бери қидириб юрган гавҳаримни энди топдим, деб суюниб кетибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳлаб олиб, муродига етибди.
Ривоятдан оладиган ибратимиз шуки, киши ўз ҳолига, даражасига қараб, ҳар жиҳатдан ўзига мос бўлган оиланинг қизига уйлангани маъқул. Ўзидан юқори даражадаги қизга уйланса, хотини отасининг ҳашамати ва дабдабасига мағрур бўлиб, эрни менсимай қолиши мумкин. Иффатли, ҳаё-номусли хотин марғуб ва мақбул бўлса, аччиқ тилли, ҳаёсиз хотин фақат ўз эрининг эмас, балки халқнинг нафратига сазовор бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мусулмоннинг уйи жаннат боғидан бир боғчадир”, деганлар. Бундан ибрат шуки, “жаннатда ўсган” қизга уйланган эрнинг бошига бахт қуши қўнибди. Аммо бахт қуши қўниши учун унинг ўзи ҳам жаннатда ўсган бўлиши керак.
Қози Шурайҳ тобеинлардан Шаъбий ҳазратларига насиҳат қилибдилар:
-Эй Шаъбий, агар уйлансанг, Бани Тамим қабиласидаги бир қизга уйлан. Улар қизларига яхши тарбия беришади.
Шаъбий: “Қаердан биласиз?” - деб сўрадилар. Қози Шурайҳ саволга жавобан шундай дебдилар:
-Ёшлик фаслимда Бани Тамим қабиласи томонга борган эдим. Қайтиб келаётиб, қари бир аёл билан ёш қиз ўтиришганини кўрдим. Қиз ғоятда чиройли, латофатли кўринар эди. Қизни яқинроқдан кўрмоқ учун чанқоғимни босиш баҳонасида уларнинг олдига бориб, сув сўрадим. Аёл қизга сув олиб келишни буюрди. Сувни ичгач, ул хотиндан: “Бу қиз кимнинг фарзанди, исми нима?” - деб сўрадим.
-Бу қиз Худоёрнинг қизидир, исми Зайнаб, - деди кампир.
-Турмушга чиққанми? - деб сўрашга журъат этдим.
-Йўқ, ҳали турмуш қурмаган.
-Аллоҳнинг амри ила менга берасизми? - деб сўрадим.
-Аввал сўраб-суриштириб, куёвликка лойиқ бўлсанг берамиз, - деди кампир.
Уйимга қайтганимдан кейин ҳам қизни кўргим келаверди. Унга уйланишни ихтиёр этдим. Қариндошимдан бирини олиб, қизнинг амакиси ҳузурига бордикда мақсадимизни айтдик. Қизни суриштирган эдик “У сенга муносиб”, дедилар. Никоҳ бўлганидан кейин Бани Тамим қабиласининг аёллари қандай эканини яхши билмайман, бошқа-бошқа муҳит, бошқа қабила одамларимиз, шошилиб, адашмадиммикин, деб пушаймон бўла бошладим. Лекин ичимдагини ҳеч кимга айтмай, охири бахайр бўлар, деб кутдим. Уйландим, келинни олиб келдик. Ёлғиз қолганимизда никоҳимга олганим қиз менга шундай деди:
-Афандим, бу оқшом куёв икки ракаат намоз ўқиши керак. Аллоҳ ризоси учун ўқиладиган бу намоздан кейин келиннинг хайрли ва бахтли бўлишини тилаши, Жаноби Ҳақдан эзгуликлар, баракот ниёз этмоғини тилаши суннатдир.
Унинг гапи маъқул келиб, икки ракаат намоз ўқидим. Саломдан кейин қарасам, у ҳам намоз ўқияпти. Намоздан сўнг у менга қараб шундай деди:
-Афандим, мен саҳройи муҳитнинг қизиман. Сиз эса бошқа муҳитда тарбия топгансиз. Тақдир бизни бирлаштирди. Сизга ўз муҳитингиздан бир қиз, менга эса ўз қабиламдан бир йигит топилар эди. Аммо тақдири илоҳий шундай экан, бир-биримизнинг феъл атворимиз ва ахлоқимизни билмаганимиз ҳолда тақдир ҳукми билан оила қурдик. Сиздан биринчи илтимосим, яхши кўрадиганингиз ва мамнун бўладиганингиз нарсаларни менга айтиб қўйсангиз. Сизнинг истагингизга мос хизмат қиламан, ёқтирмайдиган ва хуш кўрмайдиган ҳолларни ҳам айтиб қўйинг, токи мен улардан сақланай. Шундан кейин сиз менга лутф этиб, мулойим феълли бўлинг, мен ҳам сизга хотинлик вазифаларимни ўрнига қўймоқ учун астойдил ҳаракат қилай. Агар мен ўз вазифамни бажармай, танбаллик ва итоатсизлик қилсам, мени отамнинг уйига қайтариб юборишингиз мумкин. Бунинг учун ҳеч ранжимайман. “Бошга тушганни кўз кўрар”, “Бошга тушса йиғламас”, дейдилар. Мен сиздан шуларнигина илтимос қиламан. Жаноби Ҳақдан бир-биримиз учун хайрли ва баракотли турмуш қуришимизни тилайман. Исломий бир оила ҳаёти ила яшамоғимиз учун дуо қиламан.
Менга унинг сўзлари хуш ёқиб, дедимки:
-Хоним, сен менга шундай пурмаъно сўзлар айтдингки, агар айтганларингни адо этсанг, мени толеи баланд ва бахтиёр этасан. Агар сўзингда турмасанг, аҳвол бошқача бўлади. Мен мана бу нарсаларни истайман, бу нарсаларни севаман, мана буларини эса ёқтирмайман. Мен орзу қилганларни адо эт. Хуш кўрмаганларимни яшир, кўрсатма.
Сўнг у “Қариндошларимнинг келиб-кетиб туришларини хоҳлайсизми?” - деб сўради. “Узоқ турмаслик шарти билан майли, лекин ҳаддан зиёд тез-тез келишларини хоҳламайман”, дедим. “Қўшнилардан кимлар кириб-чиқа олади? Хоҳламаганингиз билан кўришмайман”, деди. Мен дедим:
-Фалон қўшнилар чиқиши мумкин. Улар номусли ва диндор одамлар. Фалон кимсаларни хоҳламайман, уларнинг ҳаёти исломий эмас. Ундайларнинг хонадонимизга қадам босишлари яхшилик келтирмайди. Бундай мезонлар билан қурилган оила қисқа вақт ичида бир жаннати хонадон бўлади.
Орадан бирор йил ўтди. Бир куни уйимга келсам, кекса аёл меҳмон бўлиб ўтирган экан. Унинг аёлимга “Қизим, бундай қил, ундай қилма”, деб насиҳат қилишидан таажжубланиб: “Бу ким?” деб сўрадим. Аёлим “Қайнонангиз”, деб жавоб берди. Мен қайнонамнинг ҳурматини бажо келтириб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдим. Қайнонам “Хотинингиздан мамнунмисиз?” деб сўрадилар.
-Жуда мамнунман, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, жуда ҳам яхши фарзанд етиштирибсиз. Бундан яхшиси бўлмайди. Ниҳоятда мамнунман, - дедим.
Бунга жавобан қайнонам:
-Мен уни жаннатдай оила гўшасида ўстирганман, ўғлим. Аёлнинг бадфеълидан Аллоҳ сақласин. Қариндошларимиз сизни кўргани келишмоқчи, қачон келишсин? - деб сўрадилар.
Мен: “Истаган кунлари келишсин. Уйимнинг тўри уларники”, дедим.
Қайнонам ҳар йили бир келиб, қизига насиҳатлар қилиб кетардилар. Мен хоним билан йигирма йил бирга яшаб унинг бирорта айбини кўрмадим.
Қози Шурайҳнинг қўшнисиникида ҳар куни жанжал экан. Қўшни хотин тарбия кўрмаган, ёмон феълли бўлгани сабабли, турмушлари хароб экан. Уларнинг ҳолини кўрган Қози Шурайҳ суюкли хоними Зайнаб шарафига бу сатрларни битган эканлар:
Завжалар ичинда Зайнабим танҳо,
Қўлим синсин, унга кўтарсам гоҳо.
Адолатсизликдир беайб урмоқ,
Зайнабимга муносибдир мадҳ этиб юрмоқ.
Хотинлар ичида у бир қуёшдир,
Бошқа барча хотинлар юлдузга эшдир.
Қуёшнинг ёнида юлдузлар учар,
Эркак саодати уйида бўлар.
Зайнаб итоатли, Зайнаб содиқдир,
Унга таёқ эмас, мадҳия ҳақдир.
Азизлар, мазкур ҳикояни, ундаги қизнинг гапларини яна бир қайта ўқиб чиқинг. Яқин ойларда ёки яқин йилларда келинлик либосини эгнига илувчи қизингизга ҳам ўқиб, маъносини тушунтириб беринг. Биз, ҳар биримиз уйимизда жаннат ҳузури бўлишини истаймиз, Аллоҳдан сўраймиз. Албатта, бундай ҳузурни бергувчи ёлғиз Аллоҳдир. Аммо бу неъмат фақат дуо билан бўлмайди. Бу неъматга эришиш учун банданинг ўзида яхшилик сари интилиш бўлиши керак. Қизини бахтли бўлишини истаган ота-она унга яхши тарбия бериши керак. Мазкур ҳикояда шундай ўгитлар борки, уларга амал қилиш хонадонни жаннат мисоли ҳузур манбаи қила оладир. Қози Шурайҳийнинг қайнонаси “Қизимни жаннатда ўстирдим” деганига диққат қилайлик: бунда аввало ҳикоя аввалида зикр этилган ҳадисга ишора бор. Иккинчидан эса жаннат - иймон эгалари тўпланадиган жой. Қиз иймон эгалари таъсирида вояга етган. Ҳар бир ҳаракатида иймон талабларига амал қилади. Кимки уйини жаннат боғчаси қилса, фарзандини шу боғча гули каби парваришлайди. Кўриниши гўзал бўлгани учун эмас, феъли гўзал, ахлоқи яхши бўлгани учун аёл эъзозланади. Чунки мол-дунё тугайди, гўзаллик ўтиб кетади. Шу гапларни айтсак, айримларнинг энсаси қотиб “ўтмишдаги гапларни мисол қилишнинг нима фойдаси бор?” деб қўл силташади.
Бизнинг афсусимиз ҳам шунда. Ажаб, ажабки, жаннат боғчалари ўтмишда қолиб кетдимикин? Йигирма биринчи аср мезони бу жаннат боғчаларини инкор этадими? Бўлажак келин бой, бўялган, тузанган бўлса басми? Тор шим кийиб, киндигини кўрсатиб юрувчи, ота-онасидан ҳам кўра дискотекани яхши кўрувчи қизлар қайси боғчада парвариш қилиндилар экан? Жаннат боғчасидами ё дўзахнинг қуриб қовжираган биёбонидами? Баъзан кўчада кўрамиз: онаси бинойи аёл, ҳатто ҳижобда. Қизи эса шармандали кийимда. Бу қанақа оила бўлди?!
Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига: “Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг”, деганлар. Асҳоб: “Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулаллоҳ?”-деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
-Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл.
Қиз олинаётганида оиласининг дини ва ахлоқи, яшаш тарзи яхши ўрганилиши керак. Албатта, қўни-қўшниларнинг айтганлари эътиборга олинади. Лекин қўшнининг ҳам ҳар хили бўлади. Бу ишда кўриниши чиройли қўшнилардан эмас, балки дини, ахлоқи гўзал одамлардан сўралади. Қиз берувчи ҳам куёвнинг дини, ахлоқини билиши шарт. Яхши суриштирмасдан тўйдан кейин “куёв бадахлоқ экан, куёв гиёҳванд экан”, деб вовайло айтишдан фойда йўқ. Суриштиришда ёлғон ишлатилмаслиги керак. “Айби бор, аммо тўйдан кейин тузатиб олар”, деб алдаш Ислом динимизга зид. Умуман динимизда ёлғон ишлатиб бўлмайди. Аммо икки ёшнинг тақдири ҳал қилинаётганда бунга алоҳида диққат қилиш керак.
Бу ўткинчи имтиҳон дунёсида бахт кишига ҳадеб кулиб боқавермайди. Бировнинг оти бўлса, араваси йўқ, араваси борнинг оти йўқ. Оила бахти ҳам шундай. Бугун эр-хотин ўзини бағоят бахтиёр хис этади, эртага эса акси. Оила бахтини бир дарахтга қиёс этсак, унинг икки ўқ илдизи бўлади. Бири эрнинг фазилатидан, иккинчиси хотиннинг хислатларидан сув ичади. Агар бу баробарлик йўқолса масъудлик дарахтининг умри қисқа бўлиб қолиши мумкин. Шу боис оила бахтини таъминлашда эрнинг масъулиятини яна қайта таъкидлаб, бир ривоятни эслаймиз:
Бир йигит гўзал ва оқила қизга ошиқ бўлиб қолди. Қизнинг ҳам унда кўнгли бор эди, унаштириб қўйилдилар. Аммо тўйдан аввал қиз хасталикка чалинди, юзларига чечакка ўхшаган нимадир тошиб кетди, табиблар унинг чорасини қила олмадилар. Оқибатда қиз аввалги гўзаллигини йўқотди ва йигитга турмушга чиқиш аҳдидан қайтди, ўзини дунёдан ёлғиз ўтишга ҳукм қилди. Иттифоқо йигит ҳам касалликка чалиниб, бир неча кун қимирламай ётди. Кейин оёққа турди-ю, бироқ кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йигит қизга уйланиш аҳдидан қайтмади. Қиз ҳам ноилож кўнди. Икковлари шу тарзда анча йил бахтиёр умр кўрдилар. Вақти-соати келиб, аёл вафот этди. Унинг жанозасидан кейин эрнинг кўзлари кўр эмаслиги маълум бўлди. Бу ривоятдан мурод - оила бахти учун эр ҳам фидойи бўлмоғи керак.
Ҳар бир эркак номусли, ҳаёли қизга уйланишни истайди. Бу фазилатни қиз энг аввало ўз оиласида ўзлаштиради. Агар оиладаги ота-она тарбияли, одобли ва бир-бирларига хушмуомалали бўлишса фарзандлари ҳам улардан ибрат олиб, шундай фазилатлар эгаси бўладилар. “Онасини кўргину қизини ол”, деб бекорга айтмаганлар. Совчилар борган уйларининг ҳашаматига лол қолиб ўтирмасдан уй бекасининг саришталигига, муомаласига диққат қилсалар адашмайдилар. Агар ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”нинг аввалидаёқ уйланиш машаққатидан сўз очадилар:
“-Манимча уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, - деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. -Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.
Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.
-Сўзингизнинг тўғрилигига шубҳа йўқ, - деди, - аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ(таъбига мос) бўлсин.
-Хотинга мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, - деди Ҳомид эътирозланиб, -хотинларға “эр” деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.
Раҳмат кулиб, Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳзоли табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади..
-Уйланишдаги ихтиёримиз, - деди Раҳмат, - ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладиган келинлари ўғилларига ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангувчи йигит билан эр қилғувчи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим.... аммо хотиним ота-онамға мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас. Сиз айткандек, эҳтимол мен ҳам хотинимга мувофиқ эмасдирман...”
Китобдаги бу сатрларни батафсил эслашимизнинг боиси, эътибор қилган бўлсангиз, ўтмиш ва бугунги кун ҳолатида ўзгариш кам. Орамизда Ҳомидга ўхшаб чакки фикрловчилар ҳам учраб турибди. Фарзандларини уйлантиришда уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмаётганлар ҳам кўп. Демак бу хусусдаги баҳсларга чек қўйиш вақти ҳали келмабди.
Оила қурган кишини кеманинг ичига тушган одамга қиёслаш мумкин: кема денгиз ўртасига йўл олган. Денгизда эса пўртаналар мавжуд. Фарзандларнинг туғилиши бу кемани бошқаришни янада қийинлаштиради. Энди кема дарғасидан янада кўпроқ куч ва маҳорат талаб этилади.
Фарзанд туғилиши қувонч ва бахт келтириши билан бирга айрим оилаларда кутилмаган ташвишларни ҳам юзага чиқаради. Айниқса эр-хотин, қайнона-келин орасида келишмовчилик мавжуд оилаларда бола туғилиши билан вазият янада кескинлашади. Тўғрироғи, вазиятнинг кескинлашиши аёл ҳомиладорлигини сезган кунлардан бошланади. Маълумки, аёллардаги ҳомиладорлик жараёни бир хилда кечмайди. Айримлари бу жараёндан енгил ўтадилар, айримлари ғоятда қийналадилар, махсус муолажага ҳам муҳтож бўладилар. Ана шу пайтда оилада ҳам эр, ҳам қайнона, ҳам бошқа аъзолар томонидан ҳомиладор аёлга алоҳида меҳр ва шафқатли муносабатда бўлиш талаб этилади. Баъзи қайноналарнинг “шунга шунчами, менам ҳомиладор бўлганман, менам туққанман, бунақа талтайиб ётмас эдим”, дейишларини нодонликка йўйсак ранжимасинлар. Келинларнинг барчаси ҳам айёр эмасдир. Уларнинг вужуди қақшаса, қийналишса нима қилишсин? Келиннинг бундай азобли кунларида ақлли, инсофли қайнона унга ўз онасидай меҳрибонлик билан муомала қилиши керак. Эр ҳам хўжайинлик мартабасидан тушиб, меҳрибон йўлдош мақомини олиши шарт. Бола туғилгунига қадар аёлга моддий-маънавий шароит яратиб берилиши керак. Уни айрим оғир вазифалардан озод қилиш лозим. Эр сув сепмоқчи бўлган хотини қўлидан челакни олса, бу ёқдагилар кулги қилмасликлари зарур. Ҳомиладор аёлни айниқса асабийлашишдан эҳтиёт қилиш керак. Аёл кўп асабийлашса, мажбурий қийноқларга рўпара қилинса боланинг асабий касаллик билан туғилишини тиббиёт исбот қилиб берган. Демак, агар ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб берсак, аслида туғилажак фарзандимизга яхшилик қилган бўламиз. Фарзанд соғлом туғилса, ўзимизнинг бахтимиз-ку! Унинг хаста туғилишига ўзимиз сабаб бўлиб, кейин зир югуриб юришимиз Аллоҳ томонидан бизга ўша ёмонлигимиз учун берилган жазо эмасми?
Аёл ҳомиладорлик пайтида арзимаган гапдан ҳам ранжийдиган бўлиб қолади. Қувноқ онларидан ғамгин дамлари кўпаяди. Агар бу қайғуси ҳаддан ошса бола ташлайди. Шу боис ҳам эркакларнинг бу даврда аёлларини авайлашлари хотинни эркалатиш дегани эмас, балки туғилажак болани авайлашдир. Аёлини ғам ва камқувватликдан эҳтиётлаш эрнинг бурчи. Аёлнинг баҳаво жойларда кўпроқ юриши, тез ҳазм бўладиган кучли овқатларни тез-тез ва оз-оз тановвул қилиши бизнинг оилалар учун камёб ҳодиса. Ҳомиладор келин қорни очса ҳам бошқаларнинг дастурхон атрофига ўтиришини кутишга мажбур. Ўзича овқатланса, уни очофатга чиқариб қўямиз. Кейин эса болани сақлаш учун шифохонага ётқизамиз. Агар келин кетма-кет икки марта бола ташласа, “бунинг пушти чатоқ экан, боламга бошқа хотин олиб бериш керак”, деган ҳаракатга тушиб қоламиз. “Келин ҳомиладор бўлганидан кейин унинг шароитини яхшилаш учун нима қилдик?” деб ўзимиздан сўрамаймиз. Агар келин камовқат бўлиши, кўп қайғуга берилиш оқибатида бола ташласа бунинг гуноҳи эр, қайнота-қайнона зиммасига тушади.
Никоҳнинг биринчи мақсади - одам наслини кўпайтиришдир. Шунинг учун ҳар бир одам бутун куч-қувватини авлодининг ҳимоясига қаратиши керак. Ҳеч бир ота-она боласини нобуд бўлишини истамайди. Она қорнида бола пайдо бўлганидан сўнг унинг ҳаёт-мамоти ота-онага боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар болани нобуд бўлишига олиб келадиган ишларни қилмасликлари керак. Аёллар, айниқса эрлар болага зарар келтириши мумкин бўлган ташқи таъсирлар нималардан иборат эканини яхши билмайдилар. Масалан, тиббиёт фани маълумотига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан то тўртинчи ойигача кўп оналар бола ташлайдилар. Бунинг сабаблари қўрқув, камқувватлилик, оғир жисмоний ишларни бажариш, эр билан бирга бўлиш ва кўп қайғуриш бўлади. Оғироёқ аёлларни уйда ёлғиз қолдириш ҳам мумкин эмас. Тиббиёт илмининг тавсиясига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан бошлаб эркак аёлига яқинлашмаслиги керак. Агар ҳайвонлар оламини кузатсак, улар бу масалага қатъий амал қиладилар, ҳомиладор жуфтларига яқинлашмайдилар. Биз - одамлар шаҳватпарастликда ҳайвон-ларни ортда қолдириб кетганмиз. Бир неча дақиқалик нафс ороми учун фарзандимизни ҳам аямаймиз. Бола она қорнида тўрт-беш ойлик бўлганида висол онларининг зарари билан майиб бўлиб қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Бу зарарларни кўпчилик билмайди, билганлар эса амал қилмайди. Яхши баҳонамиз бор: Худо сақласин!
Ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб бериш ҳам ҳар бир оиланинг бурчи, ҳам жамиятнинг вазифаси. Бизда ҳомила етти ойлик бўлганда аёлга таътил берилади. Етти ойлик болани қорнида кўтариб, қийналиб ишлаб юрган аёлларни кўрсам ачиниб кетаман. Наҳот жамият уларга янада қулайлик яратиб беришга ожиз? Аёлларга таътилни ҳомила икки ойлик бўлганда беришнинг иложи йўқми? Албатта бу жамият учун иқтисодий жиҳатдан оғир муаммо. Бир ойда ёки бир йилда ҳал қилиб бўлмайди. Бу масалани босқичма босқич ҳал этиш мумкин. Масалан, ҳомила беш ойлик бўлганда тўла таътил бериш мумкин ёки маошини сақлаб қолган тарзда ярим кун ишлатса ҳам бўлади. Ёки бола туғилгандан кейинги таътилни қисқартириш ҳисобига ҳомиладорлик таътилига қўшиш мумкин. Ёки авваллари эркаклардан фарзандсизлик солиғи олинарди. Қизлар турмушга чиқмаган бўлишса олинмасди. Шуни бир оз ўзгартириш мумкин: қизлардан ҳам шундай солиқ олиб, уни худди пенсия жамғармаси каби ўзларининг жамғармаларига тўпланса, ҳомиладорлик даврида маош сифатида тўлаш мумкин бўлади. Хуллас, таклифлар кўп, энг муҳими “мумкин эмас”, деб рад этмасдан ҳаракат қилиш керак. Чунки бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши, фарзанд кўриши бир оиланинг муаммоси эмас. Бу - жамият келажагига доир муҳим масала!
Фарзанд туғилганидан кейин эр ҳам хотин ҳам бир нарсани англаб олишлари керак: фарзанди туғилгунига қадар ҳар бир одам ўзи учун яшайди, туғилганидан кейин фарзанди учун яшайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Яқинда бир даврада илмли биродаримиздан “Бир одамнинг хотини ва қизи бор. Хотинининг оғзидан ёмон ҳид келади. Даволатай деса, давоси йўқ экан. Ажрашмоқчи, шу тўғрими?” деб сўраб қолишди. Илмли биродаримиз ўйлаб ҳам ўтирмай “Тўғри, ажралиши керак, оғзидан ҳид келишини қиз тўйдан олдин айтиши керак эди”, деди. Мен бу фатводан ранжидим. Агар оилада фарзанд бўлмаганда ажрашиб кетишса майлига эди. Лекин фарзанд тирик етим қоляпти-ку, наҳот буни ўйлашмаса?! Мен илм кишиси билан баҳслашишга ожизман, лекин бундай фатво беришларини тўғри деб ҳисоблай олмадим. Аввало, аёлнинг оғзидан келувчи ҳид тўйдан кейин пайдо бўлгандир. Бу кўпроқ ошқозон-ичак хасталиги билан боғлиқ. Лекин аёллар эрларидан шундай ҳид келса ажраб кетмайдилар-ку? Ҳам ароқ, ҳам тамаки ҳиди анқиб турган эркаклар билан баъзан ёнма ён ўтириб, беш-ўн дақиқага чидамаймиз, уларнинг аёлларига эса балли деймиз. Яна шу ўринда юзига яра тошиб, гўзаллигини йўқотган қаллиғига уйланиш учун кўзини ожиз қилиб кўрсатган инсоф эгаси ҳақидаги ривоятни эслайлик. Бизлар шундай танти, мард, олижаноб бўла олмаймизми? Бизлар ўз нафсимиз йўлида шу қадар тубанлашдикми?
Маҳалладаги қўйди-чиқдиларни ҳал қилувчи йиғинда бир эр хотинини талоқ қилганини айтиб “У менинг минталитетимга тўғри келмайди”, деб изоҳ берди. Маълум бўлишича, бу “минтелитет эгаси” Америкага ишга бориб келган экан. Агар йирик олим сифатида бориб келса-ю, “хотинимнинг савияси паст”, деса тушунуш мумкин. Америкада икки йил бир меҳмонхона зиналарини ювиш билан машғул бўлган экан, бу жанобнинг минталитетлари қандай бўлиши мумкин? Энг муҳими бу нодон жанобнинг уч фарзандлари бор. Бу фарзандлар туғилгунича минталитетлари қаерда эди? Ким нима деса десин, аммо жиддий сабабсиз болаларини тирик етим қилаётганларни айблашдан тоймаймиз. Фарзанд оилани бузишга сабабчи эмас, балки оилани сақлаб қолишга восита бўлиши керак. Хотинга чидай олмай қолган эр, эрига чидай олмай қолган хотин фарзандининг келажагини ўйлаб кўрса-чи? Эҳтимол шу уларни охирги қадамдан сақлаб қолар? Судда эр ҳам хотин ҳам фарзандни талашади. Фарзандни шунчалик яхши кўрар экан, шу боланинг бахти учун ўз нафсидан кеча қолса бўлмасмикин? Судда фарзандларини талашадилар. Кейин... янги оила қураётганларида уни болалар уйига олиб бориб берадилар. Бунга нима деймиз? Боласини тирик етим қилиб қўйганлар янги оилаларида наҳот ўзларини бахтли ҳис қила олсалар? Ота ёки она меҳрига ташна боланинг уволи уларни тутмайдими? Бу дунёда отасиз ёки онасиз, ёки ота-онасиз ўсган фарзандлари билан қиёматда юз кўришишганларида бола меҳр-шафқат ҳақини даъво қилса нима деб жавоб берадилар?
Қиёматдаги жавобга қадар ота ва онанинг жамият олдидаги бурчи бор. Қамалиб қолган ўсмирлар ҳаёти билан қизиқиб кўрганимда улар орасида ота-онаси, буваси ва бувиси тарбиясида улғайлаганлари оз эди. Ота-онасининг ажрашиб кетиши натижасида отаси ёки онаси меҳридан бегона равишда ўсганлари эса кўпчиликни ташкил қилар эди. Болалиги ёки ўсмирлигида жиноят йўлига кириб, сўнг бу оламда умрининг охиригача қолиб кетган фарзанд ота-онасини ҳаётлик давридаёқ куйдириб кул қилади. Бундай фарзанд ота-онаси вафотидан кейин уларни йўқлаб бирор марта дуо қилармикин? Бу ҳам бир масала. Дуоталаб руҳларнинг қиёматга қадар азобланиб, чирқираб туришидан Аллоҳ асрасин!
Аёллар ишлашлари керакми ё йўқми, деган муаммо бугунги кун оиласи учун муҳим бўлиб турибди. “Бугунги кун” деб таъкидлашимизнинг боиси, авваллари бундай муаммо бўлмаган. Аёллар уйда ўтирганлар. Бироқ, бу ишламаганлар, деган гап эмас. Аёллар уй юмушлари, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишдан ташқари маълум бир ҳунар билан банд бўлганлар. Масалан, каштачилик, дўппичилик... каби. Ундан ташқари аёллар ишлаши керакми ё йўқми, деган масала фақат шаҳарга хос. Қишлоқларда бундай масала йўқ. Эркак далада кетмон чопиб, аёл уйда пашша қўриб ўтирмайди. Эр билан баравар ишлайди. Фарзанд тарбияси ҳам шу меҳнат жараёнида олиб борилади.
Хўш, бугун шаҳар оиласида аёл ишлаши керакми ё йўқми?
Бу саволга ҳар бир оила ўз шароитидан келиб чиқиб жавоб бериши зарур. Энг муҳими аёлнинг нима иш билан шуғулланишига жиддий эътибор бериш керак. Аёлларни оғир ва соғлиқ учун зарарли ишлардан эҳтиёт қилишимиз керак. Бугун биз аёлларни қурилишдами ёки заводдами оғир ишларни бажараётганини кўрамиз. Ҳатто далада тракторга ҳам миндириб қўйиб уни олқишлаймиз. Аёлларни жисмоний оғир ва зарарли ишларда ишлашлари биз - эрлар учун уят эмасми?! Бу жамият йўл қўяётган хатолардан бири ҳисобланмайдими? Бухородаги сайёҳларга тарихдан ҳикоя сўзловчилар зардўзлик санъати ҳақида гапира туриб, “қадимда зардўзлик билан фақат эркаклар шуғулланганлар, аёлларни менсимаганлар, уларга ишонмаганлар”, деб изоҳ беришади. Бу нодонларча изоҳга сайёҳлар албатта ишонадилар. Ҳолбуки, у замонларда эрлар аёлларни эҳтиёт қилганлар. Аввало бу иш анча машаққатли. Иккинчидан, зардан турли чанг кўтарилади ва аёлнинг саломатлигига таъсир қилади. Яқинда бир биродаримизнинг аёли вафот этди. Шунда биродаримиз “аёлимни ишлатмасам бўларкан, барвақт ўлмас эди”, деб қолди. Унинг аёли босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишларди. У пайтлар “линотипчи” деган касб эгаси, яъни ҳарф терувчининг шундайгина ёнида қўрғошин қайнаб турарди. Ўша ишда орттирилган касаллик охири ўз кучини кўрсатди.
Бу масалада айрим биродарларимиз сал кескинроқ фикр ҳам билдириб “ишлайдиган аёлларнинг бузилишлари осонроқ бўлади”, дейишади. Бу фикрга қўшилиш қийин. Бузиладиган аёл уйида ўтириб ҳам бузилаверади.
Бошқа биродарларимиз ишламай уйда ўтирган аёлларнинг дунёқараши тор, савияси пастлашиб кетади, дейдилар. Бу ҳам бир ёқлама тўхтам. Дейлик бир хонада олти аёл ишлайди. Биттаси китобхон, бошқалари китоб деса, боши оғрийдиган тоифадан. Ўша китобхон аёл жаҳон адабиётидан гапирса, қолганлар эшитишадими? Эшитишмайди. Уларга бундан кўра ғийбат афзал. Ғийбатдан лаззатланишади. Оқибатда ўша китобхон аёлни ҳам ўз қаторларига қўшиб олишади. Агар уйда ўтирган аёлларнинг савияси паст бўлса, Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегим...лар дунё адабиёти тарихига гавҳарлар тўкармидилар?
Ишлаш масаласини ҳал этишда ҳар икки томон кескин талаблардан воз кечиб, шароитдан келиб чиққан ҳолда муроса қилганлари маъқул. Бу масалада бир оила иккинчисига намуна бўла олмайди.
Энди оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритсак. (Аниқлик киритамиз: оиласи бузилиши натижасида талоқ бериб, сўнг иккинчи ёки учинчи марта уйланганлар эмас, балки айни бир вақтда икки ёки ундан кўп хотинга эга бўлувчилар назарда тутилади.) Русларда “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас”, деган мақол бор. Шуни сал ўзгартириб айтсак, иккита хотин олишни орзу қилмаган эр эр эмас, деган маъно чиқиши ҳам мумкин. Гарчи бу гап ҳазил тариқасида бўлса-да, лекин бундай орзу барча эрларда мавжудлигига ишонамиз. Айрим эрлар учун хаёл орзу бўйича қолиб кетади, айримлар эса орзуни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Камбағаллар учун бу муаммо йўқ, десак ҳам бўлар. Камбағал эрнинг иккинчи хотин олишга ҳаракат қилиши осмондаги қуёшни узиб олишга уринишдай гап. Чўнтакка тушган пул нафсни қитиқлайди. Бу нафсни қондириш учун мусулмон эрлар учун тайёр баҳона бор: Аллоҳ тўрттагача уйланишга ижозат этган. Эр қандай ҳолатларда хотинни кўпайтириш ҳаракатига тушади?
*ўз хотини билан нафсини қондира олмаса, ташқаридан лаззат излайди.
*ота-онасининг зўри билан уйланган хотини кўнглига ёқмайди, ўзига ёқадиганини истайди. Гўё “Ўтган кунлар”даги Ҳомиднинг маслаҳатига амал қилади: “Жиян, - деди Ҳомид Раҳматка қараб, - бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр кишининг иши эмас”. Бу маслаҳатга амал қилганларни биз “адашганлар” деб атасак ранжимасинлар.
*Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом суннатлари деб иккинчи, учинчи марта уйланадилар. Ажабки, суннатга амал қилишни айнан шу соҳада бошлайдилар. Қолган ўнлаб суннатлар эса бажарилмай қолади. Бу биродарларимизда андак жоҳиллик бор. Бу борадаги суннатнинг маъносини яхши англаб етмаганлар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳисалом нафсни қондириш учун эмас, беваларга меҳрибонлик қилиш учун уйланганлар.
*биринчи оиладаги фарзандсизлик оқибатида бошқа турмуш қуришни ҳеч ким рад этолмаса керак.
*ота-онасини беҳурмат қилувчи хотинни қўйиб, ҳурматлайдиганига уйланувчилар ҳам бор. Аммо иккинчи ёки учинчи хотин ота-онасини ҳурматлайди, деб ким кафолат беради? Эҳтимол ҳурматсизликда кейингилари аввалгисидан ошиб тушар. Балки “ота-онани ҳурмат қилмаслик” нафс талабини яширишдаги бир баҳонадир?
*уйланишдан илгари зино қилган эр яна бегона аёлни қўмсайверади. Бу нафсини қондириш учун маблағи бўлса бирон қизни ёки жувонни шаръий никоҳига олади, пули камлик қилса, фоҳишаларнинг хизматидан фойдаланади.
Суриштираман, десангиз сабаб ва баҳоналар қайнаб чиқаверади. “Нечта хотин олган маъқул?” деган саволни кун тартибига қўйсак, бир хил жавоб ололмаймиз. “Ўтган кунлар”даги тоға-жиян баҳсини эслайлик:
“Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди:
-Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? - деди. - Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.
-Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, - деб кулди Ҳомид. -Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчинингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам
роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйганимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас. ”
Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчилар ҳозир ҳам топилади. Фақат айрим фарқлар бор. Чунончи: кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.
Устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларидан фойдаланиб фикрларимизни давом эттирамиз.
Одамлар аввал оила шаклида жам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласи саодатли ва бахтли бўлмасалар, ўша қавмни бахтиёр ва саодатли дейиш хатодир. Ҳамда оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, “оздан кўпга” дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.
Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринли. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бу бахти қароликдир.
Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигини ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд вужудга келади. Аёлнинг таровати ва ёшлиги эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлгандан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима, дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда бу ваъда унутиладими?
Хуллас, Фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами, ишқилиб уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлар буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратланадилар. Вақт ўтиши билан янги хотиндан ҳам бир-икки фарзанд туғилгач, бу ўзаро нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолари орасида муҳаббат кўтарилса, вайронлик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади. Агар бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса улар ва уларнинг болалари ўртасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келади, Фалончи ўзини бахтсиз сеза бошлайди, фарзандларининг хулқи эса ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр этганимиздек, ҳозирги кундошлар бир ҳовлида яшамайдиларким, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча осон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласида ёнаётган нафрат ўтини заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга нисбатан бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга етгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.
Давлат қонуни қўшхотинлиликни ман этади. Ислом динимиз ижозат беради. Айрим европаликлар динимизнинг шу жиҳатини маъқуллайдилар. Эркак фоҳишахонага боргандан кўра яна битта хотин олиб покиза яшагани маъқул, дейдилар. Дарҳақиқат, қўшхотин олишнинг бу томони ҳам бор. Айрим эркакларда шаҳват иштиёқи кучли бўлади. Ўз аёли билан қўшилиш мумкин бўлмаган кезлари у кўчадан нажот излайди, гуноҳга ботади. Агар никоҳида яна битта хотин бўлса, бу гуноҳдан сақланади. Ундан ташқари бу ўринда аёлларнинг тақдири ҳам бор. Аввало, ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ туғиларкан, ундан ташқари турли уруш ёки фожиалар туфайли эрлар кўп қирилади. Демак, бир эрга икки ё уч аёл тўғри келади. Шундай экан, аёллар нима қилишсин?
*ҳаром йўлга юрсинларми? Ҳаром бола орттирсинларми?
*бировнинг оиласини бузиб, хотинидан бутунлай ажратиб, болаларини тириклай етим қилиб унга тегиб олсинларми?
*ҳалол ва поклик, рози-ризолик йўли билан бир кишига никоҳланиб оила қурсинларми?
Албатта барчамиз шу учинчи йўлни маъқуллаймиз.
Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимасида ўқиймиз: “Агар етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқсангиз, уларни ўз никоҳингизга олманг, балки никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳаққига зулм
етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир”. Нисо сурасида келган мазкур оятни ақлимиз етганча ўрганишга ҳаракат қилайлик. Тарихдан маълумки, жоҳилият даврларида аёллар ҳуқуқи бағоят даражада поймол қилинган. Бир эрга ўнлаб аёллар тутқун бўлган. Кейин эса урушлар туфайли кўп аёллар тул қолардилар. Динмиз ана шу аёллар тақдирини одилона ҳал қилиб беради.
Ояти каримадаги етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқилса иккитами, учтами, тўрттами хотин олишга ижозат берилиши ўқиган одамга ғалати ва тушунарсиз туюлиши мумкин. “Тафсири ҳилол”да бу мураккаб масала яхши тушунтириб берилган. Имоми Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоятда шундай дейилган экан: “Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан “Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар”, ояти ҳақида сўраган экан у киши (розийаллоҳу анҳо) дебдиларки: “Эй жиян, бир етим қиз кафилнинг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, улар уйланишдан қайтариладилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилинадилар”. Демак, оятда “етимлар” дейилганда етим қизлар назарда тутилган экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига - ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган бошқа аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлари орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин.
Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қанақа адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керакдир. Жумладан, эр бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Бу ҳам адолатсизликка киради.
Олимларимиз оятдаги “етимлар” сўзини шундай талқин қиладилар ва бунга эътироз қилиш қийин. Бизда улар билан баҳс юритишга етарли илм бўлмаса-да, шу хусусдаги тушунчамизни баён этишга журъат этамиз. Таъкид этамизки, бу фикр баҳс йўсинида эмас, балки бир банданинг ақли етган даражасидаги тушунчасидир. Билишимизча, Қуръони Каримда мавҳум кўрсатмалар берилмайди. Масалан, масхара қилишдан қайтарилган оятда эр ва аёллар алоҳида таъкид этилади. Ёки илм олиш ҳақида ҳам “илм олмоқлик муслим ва муслималар учун фарздир” деб буюрилади. Ёки “Ёсин” сурасини айрим тафсирларида “Антокия” шаҳри тилга олинади. Баъзи муфассирлар эса “Агар шу шаҳар бўлганида Аллоҳ уни ўз номи билан атарди”, дейишади. Аллоҳ билгувчидир. Нисо сурасининг биз ўрганаётган оятида ҳам “етим қизлар” деб алоҳида таъкид этилиши мумкин эди. Эҳтимол бу ўринда бошқа маънолар ҳам бордир? Яъни, етимлари билан бева қолган аёлларга меҳрибонлик қилишга даъват бордир? Яъни, етимларга меҳрибонлик қилинг, лекин ташқаридан туриб уларнинг ҳақини адо этишга кўзингиз етмаса, уларнинг оналарига, яъни беваларга уйланинг, деган маъно йўқмикин? Бизнингча, тўрттагача уйланиш ижозати нафсни қондириш учун эмас, балки айнан беваларни ўз паноҳига олиш учун бўлса керак. Бу ўринда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кимларга уйланганларини яна бир эсга олсак жоиз бўлар.
Ким тўрттагача хотин олиши мумкин? Албатта бой одам. Камбағал орзу қилмаса ҳам бўлади. Демак, бу имтиёз фақат бойлар учунми? Юқорида кўпхотинлиликнинг фойдаси ҳақида ҳам айтиб эдик. Демак, хотини билан қўшилиш мумкин бўлмаган дамларда бой одам бошқага уйланиб, нафсини қондириши мумкин. Камбағал-чи? Унинг уйланишга пули бўлмагани билан, унда ҳам нафс бор, шаҳват бор. Ҳа, биз ундан сабрни талаб қиламиз. Бойга эса сабрнинг кераги йўқ.
Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина “Ўтган кунлар” романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: “Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан рухсат олиш шарт эмас”. Дуруст, биринчи хотиннинг рухсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? “Маълум қилгани дуруст”. Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига “узоқ сафарга кетяпман” , деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилди. Биз икки хотинлик биродарларимизни айбламоқчи эмасмиз, иккита хотин олиш мумкин эмас, деб таъқиқлаш ҳуқуқи бизда йўқ. Биз фақат икки ёки ундан кўп хотинга уйланган, ёки шундай фикрда юрган биродарларимизни Аллоҳнинг адолат хусусидаги огоҳлантиришини
унутмасликка чақирмоқчимиз. Шу огоҳлантиришдан келиб чиқадиган маъно: уйланган эрнинг хаёлида иккинчи хотин олиш орзуси бўлса, адолат қилиш ёки қилолмаслигини аввалдан аниқ билмоғи даркор. Агар адолат қила олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлса, иккинчи хотинга уйланиш хаёлидан воз кеча қолганлари дуруст. Аммо икки хотин ўртасида адолат ва инсоф ўрната олса, уларнинг оғирлигидан чўчимаса, ихтиёри ўзида. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишига мажбур. Яъни, еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир хил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.
“Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг барчаларига баробар меҳр кўсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўйманг (муаллақа аёл - эри бедарак кетган аёлдир. Эрим бор, деса - йўқ, беваман, деса - эри талоқ қилмаган). Агар (ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, Меҳрибон Зотдир” (Нисо сурасидан).
Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, қиёматда танаси яримта бўлғай” (Муҳаммад ат-Термизийнинг “Ал-жомеъ ус-сағир” китобидан).
Оила асосини муҳаббат ташкил қилишини айтиб эдик. Муҳаббатда адолатни ўрнатиш қийин, эр ҳамма хотинларини бир хил сева олмайди. Эр ёш ва гўзалроқ бўлган иккинчи хотинини биринчисидан кўра кўпроқ яхши кўради. Аллоҳ таоло эса хотинлар ўртасида адл ва инсоф ўрнатишни талаб этяпти. Нима қилиш керак? Ислом йўлидаги эрга Аллоҳ таълим берадики: “Ҳақиқатда инсоф юзасидан ҳамма хотинларингизни бир хил севмоқчи бўласизлар. Лекин муҳаббатда адолат ўрнатмоқ сизларнинг иқтидорингиз доирасидан чиқади. Шундай экан, кўпроқ севадиган хотинингизга камроқ майл қилинг, токи бошқа хотин ранжимасин. Севмайдиган хотинни муҳаббат ва ҳурмат чегарасида тутиб турингиз, аслида севмасангиз ҳам зоҳирда шундай муомала қилингки, у ҳам севади, деб ўйласин”.
Бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в.) хулқлари бизга ибратдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамизни (р.а.) бошқа хотинларидан кўпроқ севганлар. Аммо хотинлари ўртасидаги адолат мезонига риоя қилиб айтарканларким: “Ё Аллоҳим, иқтидорим борича хотинларим ўртасида адолат қилурман. Аммо ихтиёримда бўлмаган нарсага мени гирифтор этмагин, яъни ҳаммаларини бир хилда сева олмайман, мени афв этгин, чунки менинг қўлимда эмас”. Ўз хотинларига қай даражада адолат қилиши лозимлигини билмай юрган эр учун Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом шу муборак гаплари кифоя қилар?   
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз (р.а.) шундай дейдилар: “Пайғамбарнинг аҳволлари оғир бўлганда, улар менинг хонамда қолишлари учун бошқа хотинларидан изн сўрадилар. Улар рози бўлдилар”. Ислом динимиз кўп хотинлиликка шундай оғир шартлар билан ижозат беради. Шундай шартларга амал қилмай ёки аҳамият бермай икки ёки ундан кўп хотинга уйланган эрлар билиб қўйсинларки, уларнинг ишлари Қуръон ва ҳадисга хилофдир. Фарзандлари қалбига зулм қилганлари учун бу дунёнинг ўзида жазо олишларини унутмасинлар. Бу жазодан ташқари яна ҳисоб-китоб куни кутаётганини ҳам эсдан чиқармасинлар.
Ожиз ақлимизнинг хулосаси шуки, бу кунда ҳеч бир эр талаб қилинмиш адолат талабига жавоб бера олмайди. Шу боис битта хотинга кифоят қилсин ва қиёмат азобидан ўзини ҳимоят этсин.
Мавзу сўнгида кўпхотинлиликнинг жамиятга зарарини айтиб ўтмасак бўлмас. Тарихга назар ташласак, қудратли давлатларнинг парчаланиб кетганларига гувоҳ бўламиз. Нега шундай? Албатта бунинг турли сабаблари мавжуд. Шу сабабларнинг энг асосийси подшоларнинг шаҳват балосига учраганларидир, яъни тўхтовсиз ва беҳисоб уйланишларидир. Подшоларнинг хотинларидан туғилган фарзандлар расман ака-ука ҳисоблансалар-да, тож-тахтга ким ўтиради, деган муаммо кўтарилганида бу жигарбандликни унутганлар. Ҳеч бўлмаса Мўъмин мирзо фожиасини эслайлик. Мўъмин мирзо Бадиуззамоннинг ўғли, яъни аввал зикр этганимиз Ҳусайн Бойқаро ажрашган хотиннинг набираси. Ҳусайн Бойқаро бу набирасига Астробод вилоятини инъом қилган, кейин эса Ҳадичабегимдан туғилган ўғлига ҳадя этди. Оқибат Бобур мирзо ёзганларидай: “Муҳаммад Мўъмин мирзони анинг (яъни Ҳадичабегимнинг) саъйи билан ўлтурдилар”. Ҳусайн Бойқародан ўн тўрт ўғил ва ўн бир қиз қолган эди. Қизларни ҳисобга олмасак, бу ўғилларнинг қайси бири кўнглида тахт эгаллаш истаги бўлмаган? Амир Темур салтанатини кимлар ҳароб қилди? Темурзодалар...
Оила, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари хусусида адоқсиз равишда фикр юритиш мумкин. Чунки ҳар бир оила - ўзига хос бир олам. Бу оламнинг эса ўзига хос олам-олам қувончлари, олам-олам ташвишлари, олам-олам муаммолари мавжуд. Бу муаммоларни шариат ҳукми асосида ҳал этиш эса оила бошлиғи - эрнинг бурчи. Биз шу муаммоларни ҳал этишда унга холис бир маслаҳатчи бўлишга уриндик халос. Энди дуога навбат келди:
-Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларга оила неъматини берганинг учун Ўзингга шукрлар қиламиз. Бир-бирларимизга иймонли солиҳ ва солиҳа, оқил ва оқила, вафоли, ҳаёли ёр бердинг, шукр, энди бир-бирларимиз орамиздаги меҳр-муҳаббатни зиёда, бардавом қил. Кимнинг оиласида тинчлик-тотувлик йўқ бўлса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам кўнгилларини Қуръон нурлари билан нурлантириб, хонадонларига осойишталик бер. Хиёнаткор эр ёки хотинларга инсоф бериб, уларни иблис йўлларидан Ўзинг қайтар. Меҳр-муҳаббат занжирлари узилай деб турган оилаларни Ўзинг асра. Ўзинг яратган бу муаззам ҳаётда тирик етимларнинг кўз ёшлари тўкилмагай. Ота-боболаримиздан қолган “Қўша қаринглар” деган хайрли дуо бор, бу дуоларимизни ижобат эт. Ёшларимиз онгига, қалбига оиланинг муқаддас экани ҳақидаги тушунча ва туйғуларни сингдир. Ҳар бир оилани турли балою офатлардан Ўзинг асра. Омийн, йа Раб ал-оламийн.

 
ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ

Мазкур бобда ўликни тирилтиргувчи дўст меҳри ва тирик қалбни вайрон этгувчи дўст хиёнатлари хусусида биргаликда фикр юритажакмиз, инша Аллоҳ.

Бир ажиб қушни кўз олдингизга келтирингким, унинг қалби Аллоҳга ишқ бўлса, қанотларидан бири ота-онага, иккинчиси дўстга муҳаббат ва вафодир. Дўстлик ҳақида, дўстликдаги вафо ва хиёнатлар ҳақида шу қадар кўп ривоятлар, ҳикматлар битилганким, барчасини тўплаб, нашр этилса дунёнинг қоғозлари етмас эҳтимол. Кишининг ҳаётида тиш ўтмас муаммолар кўп. Шулардан бири айнан дўст топиш, дўст танлаш муаммосидир. Киши умри давомида адаш йўлларда кўп қоқилади. Энг кўп қоқилиш дўст кўчасида бўлади. Киши ўлгунига қадар кўп дўст топмайди, аммо кўп дўст йўқотади. Нега шундай? Бунга ким айбдор? Кишининг ўзими ё дўстми?
Кўнглимиз ҳамиша вафоли дўст тилайди. Айни дамда кимдир бизнинг дўстлигимизга, садоқатли дўстлигимизга муҳтож. Бирорта дўсти бўлмаган одам дунёда яшамаса ҳам бўлади. Биз дўст деб юрганимиз душманлик чодирига бурканиб олса, азиятлар чекамиз, аммо ўзимиз баъзан билиб, баъзан билмай бошқа бир одамга душманлик қилиб юрганимизни англаймизми? «У ёмон одам, шунинг учун менга душман», деймиз. Эҳтимол ўзимиз ёмондирмиз, эҳтимол дўстлик бурчи нима эканини яхши англамагандирмиз, эҳтимол яхши дўст тарбиясини четлаб улғайгандирмиз?
Шу ёшимизга етгунча топган ва йўқотган дўстларимизни бу онда бир-бир кўз олдимизга келтирайлик. Уларнинг фазилат ва иллатларини эслайликда сўнг ўзимизга савол берайлик: «шу фазилат менда борми, бу иллатдан қутула олганманми?» Расулуллоҳ (с.а.в.) «Аллоҳ наздида энг яхши дўст деб одамларга доимо хайрли ишларни қилиб юрувчи кишига айтилади», - деб марҳамат қилганлар. Яъниким, дўстларнинг яхшироғи ҳамдамларини ўз шафқати соясида тутар ва карам эшигини улар юзига очиб қўяр, тилакларини ва ҳожатларини юзага чиқарар. Биз шундаймизми? Ёки дўст деб юрганимиз бир гуруҳ кишиларгагина яхшилик қилиш билан чекланамизми?
Саволлар кўп... Жавоб ўйлаш баробаринда ҳикматлардан қувват олайлик-чи...
Дўстликнинг аввали - танишмоқликдир. Таъбир жоиз бўлса, танишиш - дўстлик манзилига олиб борувчи бир йўлдир. Агар бу йўлдан тўғри бормай, пойонтир-сойонтир, эгри-бугри қадам ташланса, ғийбат, иғво, ҳасад ариқларидан сув ичиб турилса, ўртада душманлик пайдо бўлиши шубҳасиздир. Бир киши билан танишиб, уни дўстликка қабул қилишда ғоят эҳтиёткорона ҳаракат қилиш керак.
Дўст йўлидаги боғлардан бири - яхшиликни эътироф этишдир. Яъни дўстнинг дўстга қилган яхшилигини тан олишдир. Агар бу йўлда миннат дарахти соясида роҳат қилинса дўст манзилидаги кўшкка умид қилмай ортга қайтаверган маъқул.
Йўл бериш - табиийки, ҳар қандай аҳил дўст орасида тортишув бўлади. Шундай ҳолларда майда-чуйда нарсаларга ўралашиб, киши дўстдан ажраб қолиши ҳеч гапмас. Демак, икковдан бири йўл бериши шарт. Дўстлик оламида кибр қуёшидан баҳра олиш мукофоти - юлдузсиз тундир.
Хуш муомала - дўстлик боғидаги дарахтларга ҳаёт суви берувчи бир чашмадир. Ширинсўзлик, очиқ юзлик, гўзал ифода, тавозуъ, мулойимлик, тилни маъносиз беҳуда сўзлардан тийишлик каби гўзал хулқлардан хушмуомала ҳосил бўладиким, бу душманлик саҳросидан ёпирилажак офатлар йўлини тўсмоқликка қодир бўлур.
Дўстга муҳаббатнинг ҳақиқий таржимони ихлос саналади. Дўстга хайрихоҳ бўлиш, керакли вақтда унинг манфаати йўлида хизмат қилиш буни исбот этади. Муҳаббат ихлосга тескари эмас, аксинча уни қувватлайди, чунки икки дўст орасидаги муҳаббатдан мақсад - бир-бирларига манфаат етказиб ёрдамлашишдир. Агар икки дўстдан бирисининг кўнглидан бу чиқиб кетса, унинг муҳаббати фақат мунофиқлик, риёкорликдан иборат бўлиб қолади.
Бир киши пулга муҳтож бўлиб дўстининг уйига келди-да муродини айтди. Ҳижолатлиги туфайли дўстининг таклифини қабул қилмади, уйига кирмади. Дўст ичкари кириб айтилган пулни олиб чиқиб бериб, биродарининг кўнглини кўтарадиган, ҳижолатликдан ҳоли қиладиган оқил сўзларни айтди. Муддаоси ҳосил бўлган киши изига қайтгач, дўст уйига кирди-ю, йиғлай бошлади. Хотини «эрим кўпроқ пул бериб юбориб, ачиниб йиғлаяпти шекилли», - деган хаёлда «Бирор нарсани баҳона қилиб пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди, энди пушаймонлигингиздан нима фойда?» - деб таъна қилди. Шунда дўст деди-ки:
-Йиғлаётганим сабаби сен ўйлаганча эмас, мени ғафлат босибди, дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмабман. У келиб сўрамасидан аввал ўзим бориб, мушкулини осон қилишим керак эди. Дўстнинг ҳожатидан бехабар мендай ғофилнинг дўстлигидан Аллоҳ рози бўлармикин?
Қарз сўраш жараёни дўстлик кўчасидаги оғир ва нозик муаммолардан, айни пайтда жиддий синовлардан саналади. Пул гўё ўткир қилич, дўстлик занжирларини узишга, дўстликнинг бузилмас иморатини барбод этишга ҳам қодир. Қарз сўраш бошланса заиф дўстлик иплари узилиб бораверади.
Бир одамнинг қадрдон уч дўсти, тақдир тақозоси билан уч шаҳарда яшар эди. У дўстларининг садоқатини синамоқни хаёл қилди. Аввал бирига хизматкорини жўнатди. Хизматкор хожасининг иши юришмай, қарзга ботганини айтди. Дўст уни юпатиб, у айтган қарзни тўлашга етгулик миқдордаги пулни бериб, изига қайтарди. Синовчи дўст биродарининг бу карамидан қувониб, хизматкорини иккинчи шаҳарга жўнатди. Иккинчи шаҳардаги киши ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб ғоят қайғурди. Эртасига хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йил давомида тирикчиликка асқотадиган маблағ бериб жўнатди. Синовчи дўст бундан ҳам қувонди, шундай дўстларни берганига Аллоҳга шукрлар қилди. Учинчи шаҳарга жўнатишдан олдин хизматкорига қаттиқ тайинлади:
-Бу дўстим бадавлат эмас, ўзи олим одам. Унда илмдан бошқа нарса йўқ. Шу сабабли «хўжайинимнинг аҳволи хароб, катта қарзга ботган», деб ваҳима қилма. «Ишлари ёмон эмас, фақат беш тангагина қарзлари бор, Худо хоҳласа яқин кунларда қарздан қутилиб, ишлари авж олиб кетади», - дегин.
Хизматкор олим дўст ҳузурига бориб хожасининг буюрганини билдирди. Олим дўст бу хабарни эшитиб, бошини эгди. Сўнг ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Хизматкор ўтирган уйига назар солди: йиртиқ палосу эски кўрпачадан бошқа ҳеч вақо йўқ экан. «Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир», деб ўтирганида уйга нотаниш одам кирди-да:
-Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан? - деб сўради.
-Ҳа, - деб жавоб берди хизматкор.
-Мана сенга беш танга, буни шу уй эгаси бериб юборди.
-Ўзлари қанилар?
-Ўзи меникида. У қул бозорида ўзини менга беш тангага сотди.
Бу гапдан хизматкор ҳам ажабланди ҳам даҳшатга тушди. Қулдорга эргашиб унинг уйига борди ва олим дўст қаршисида тиз чўкиб:
-Ундай қилманг, пулни қайтариб берайлик, - деб ялинди.
-Мен бу одам билан шартлашиб, беш танга эвазига беш йил ишлаб беришга ваъда берганман. Ваъдамга хилоф қила олмайман. Дўстимни муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш мен учун ҳеч гап эмас, - деган экан олим дўст.
Мазкур ривоятни бир даврада ҳикоя қилиб берганимда кимдир деди-ки:
-Ўша синаётган одам бу биродарининг қашшоқлигини билар экан, ўзи унга ёрдам берса бўлмасмиди?
Бу саволда ўзимиз учун икки ибрат бор:
-олим ўзини қашшоқ санамайди, чунки унинг илми бор. У илмни ҳар нарсадан устун қўяди, биродарининг ёрдамини қабул этмайди. Бадавлат биродарлари ҳисобига яшаса у олим бўлмайди. (Шу ўринда ўтмиш совет жамиятида ёшларга ибрат қилиб кўрсатилган Маркс ва Энгельс дўстлигидан бир воқеани эслайлик: Қаллиғи вафотидан қайғурган Энгельс бошқа шаҳардаги дўстига бу фожиани хабар қилиб хат ёзади ва бу мазмунда жавоб олади: «Тирикчиликка пулим қолмади, менга пул юбор».)
-бошқани синамоқчи бўлган одам аввал ўзини синаб кўриши керак.
Бу дунёнинг одамлари бир-бирларига маҳрам бўлишни истасалар дўстлик йўлида ўз азиз жонларини ҳам аямайдилар. Бундай одамлар садоқатли асл дўстлардир. Лекин бу дунёда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар ёлғиз ўз вазифаларини яхшиламоқ, қўлга бир нарса киритмоқ, яхши кун кечирмоқ учун дўст бўладилар. Бундай одамлар мол-давлат дўстларидир. Улар қушларни тўйдириш учун эмас, тутиш учун дон сепадиган овчига ўхшайдилар. Дўсти учун жонини фидо этадиган одамларнинг қадр-қиммати молини фидо этувчидан жуда ва жуда юксакдир. Ривоятдаги олим дўстни ана шу юксак мартабада кўрамиз.
Дўстлар икки хил бўладилар: биринчилари - ўз ихтиёрлари билан самимий дўст бўлганлар. Иккинчилари - мажбурият ва зарурият юзасидан аҳду-паймон боғлаганлар. Буларнинг мақсади фойда кўрмоқ ва зарардан қочмоқдир. Лекин самимият ва садоқатга асосланган дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади. Зарурият ва мажбурият натижасида пайдо бўлган дўстлик эса ундай бўлмайди. У дарё каби гоҳ тошиб, атрофни босади, гоҳ қуриб, суви озайиб қолади. Зарурият юзасидан пайдо бўлган дўстликка ишониш дуруст эмас. Зарурият ўртадан кўтарилиши замон дўстлик адоватга айланиши эҳтимол. Демоқчимизким, олим агар зарурият туфайли дўст бўлганида ўзини беш тангага сотмас эди.
Қарға, оҳу, сичқон ва тошбақа дўст эдилар. Иттифоқо оҳу йўқолиб қолди. Қарға осмонга учиб, уни қидирди. Қарасаки, оҳу овчининг тўрига ўралиб, азоб чекиб нолалар қиляпти. Қарға сичқонни фожиа ерига бошлади. Сичқон тўр арқонларини қирқди, оҳу озод бўлди. Шунда оҳу дўсти тошбақага қараб, ажабланиб сўради:
-Сен нега келдинг? Овчи бу ерга қайтса, сичқон, тешикка кириб беркинади, қарға осмонга кўтарилади. Тўрдан қутулдим, энди мен ҳам қочиб қутула оламан. Сен-чи?
Тошбақа бу гапни эшитиб бошини чайқаганича дебди-ки:
-Биродар, қандай қилиб келмайин? Дўстлардан узоқда, фироқ ва ҳижронда кечган ҳаётнинг нима лаззати бор? Қандай ақлли одам айрилмоқни афзал кўради? Бахтсизлик юз берганида одамга тасалли берадиган, оғир кунларингда дардингни енгил қиладиган дўстлар билан бирга бўлиш лозим. Ҳижрон ўтида ёнган, дўстлардан узоққа тушган одамнинг дили ҳамиша ғам ва алам билан тўла, сиҳатлик унинг вужудидан йироқ бўлади. Сабр ва қаноат уни тарк этади. Ақл ва камолот ўз кучини йўқотиб, фойдасиз бўлиб қолади... Дўстдан ажралишдан ҳам оғирроқ мусибат борми дунёда? Фироқ алангаси етти дарёни қуритади...
Ривоятдан олинажак фикр шуки, шижоатли ва кучли ботирлар урушда, хотин ва фарзандлар камбағалликда, дўстлар бошга кулфат тушганда таниладилар.
Ҳайвонлар дунёсини тарк этиб, ўзимизнинг ҳаётга назар ташлайлик-чи, нималарни кўрар эканмиз:
Бир йигитнинг бошига иш тушиб, бойлигидан ажралди, ўзи эса қамалди. Шунда унинг хотини ҳар ҳафтада ошхўрлик қилувчи улфат-дўстлардан ёрдам кутди. Дўст қамоқда, ошхўрлик ўша-ўша давом этарди. Ошхўр улфатлар болаликдан бирга катта бўлган ўртоқларини эслаб қўйиш билан дўстлик бурчларини адо этардилар гўё. Тўғри, улар сичқон каби тўр арқонларини қирқиб дўстларини тутқунликдан қутқара олмайдилар. Аммо фақат одам боласига хос фазилат -тутқунликдаги дўстнинг ота-онаси, оиласидан хабар олиб туриш-чи? Қамоқдаги дўстнинг хотини эрини қутқариб олиш умидида елиб-югурарди. Иттифоқо автомашинаси бузилиб қолиб, эрининг энг яқин дўсти ҳисобланган одамникига бориб илтимос қилди:
-Кунда беш-ўн идорага учрашишга тўғри келяпти, машинасиз улгура олмайдиганга ўхшайман. Темирни қизиғида босмаса, армонда қоламиз шекилли. Машинангизни икки-уч кунга бериб турсангиз.
Дўст хотиннинг илтижосига жавобан шундай деди:
-Биров менинг хотинимни сўраса бериб туришим мумкин, аммо машинани бериб тура олмайман.
Тўғри, машинани бировга бериш қонунга зид, дерсиз. Лекин кўнгил тоза бўлса шу машинани «ишонч қоғози» билан ҳам бериб туриш мумкин-ку? Ёки агар у чин дўст бўлса «бир-икки кун эмас, қанча лозим бўлса ўзим машинам билан хизматингизда бўламан», демасмиди? «Улфат», «ошна» деган тушунчалар бор. Чойхонадаги ошга ёки уйдаги «гап»га келмаганлардангина қиламиз, бундай улфатга қўшилмаганлардан ҳатто нафратланамиз. Аммо қўполроқ бўлса ҳам бир ҳақиқат бор: от ва эшак бир оҳурда хашак есалар ҳам дўст бўлмайдилар.
Бир одамнинг афсус билан айтиб берган ҳикоясига сиз ҳам гувоҳ бўлинг: икки йигит. Иккови ҳам бадавлат отанинг эрка фарзанди. Бирига отаси «Мерседес» инъом этиб, улфатда «ювилди». Зиёфатдан қайтишда уларнинг бири ҳалокатга учради: машинаси пачоқ бўлди, ўзи оғир жароҳатланди. Унинг изидан келаётган дўст - янги «Мерседес» эгаси тўхтади. Дўстининг аҳволини кўриб, машина тўхтата бошлади. Бу воқеани ҳикоя қилаётган одам машинасини тўхтатганда йигит: «дўстимни шифохонага олиб боринг, мен изингиздан етиб бораман», деб пул тутқазди. У одам эса «Бу қонга беланиб ётган йигит дўстингиз экан, ўзингизнинг машинангиз бор экан, ҳар нафас ғанимат-ку, нега ўзингиз олиб бормай, машина тўхтатмоқчисиз?» деб сўраса «дўст» дебди-ки: «Ие амаки, менинг машинам янги-ку, уни ўтқизсам қон бўлади-ку?»
Бу ҳикояга изоҳ шарт бўлмаса керак. Яна бир воқеа хусусида эса эҳтимол баҳслашишга ҳам тўғри келар. Аммо ундан аввал ибрат сифатида бир масал билан танишсак:
Бир хушманзара, ажойиб чаманзордаги баланд дарахт устида қарғанинг ини бор эди. Бир куни овчи шу дарахт атрофига дон сочиб тўр ёйди. Қарға буни кўриб ўйланди:
-Бу одам бир балони бошлаяпти. Кимни тўрга солиш қасдида экан? Мени тутмоқчими ё бошқаними? Ўз жойимда қимир этмай турай, қани нима бўлар экан?
Шу онда кабутарлар учиб келдилар. Уларнинг бошлиғини Чинкабутар дер эдилар. У ғоят зеҳнли, чаққон эди. Кабутарлар донни кўргач, эҳтиёткорликни унутдилар ва тўрга илиндилар. Кабутарлар патиллаб, жонларини халос қилиш учун бир-бирларига урилавердилар. Шунда Чинкабутар деди:
-Ваҳимага тушманглар. Ҳар бирингиз ўзингизни эмас, ҳамманинг бараварига халос бўлишини ўйланглар. Биз бараварига парвоз қиламиз.
Кабутарлар унинг айтганини бажариб кўкка кўтарилдилар. Овчи уларнинг ортидан югурди. Қарға эса ўз-ўзига деди:
-Мен буларнинг ортидан бориб, иш нима билан тугашини кўрай, чунки шундай ташвиш эртами кечми менинг бошимга ҳам тушиши эҳтимол. Бошқаларнинг бошига тушган ҳодисадан ўзи учун ибрат олганни ҳушёр ва фаросатли дейдилар.
Овчининг изма-из югуриб келаётганини кўрган Чинкабутар ёронларига деди:
-Бу сурбет овчи биздан воз кечадиганга ўхшамайди. Агар кўзидан ғойиб бўлмасак, биздан кўнгил узмайди. Очиқ жойга эмас, дарахтзорларга бориб қўнайлик, шунда у бизларни топа олмай изига қайтиб кетади. Шу яқин орада менинг бир сичқон дўстим бор, унга айтсам бу тўрни қирқади ва биз озод бўламиз.
Кабутарлар у айтган томонга учдилар. Овчи уларни йўқотиб, изига қайтди. Қарға эса улар изидан учиб бораверди. Чинкабутар айтган дарахтзорга учиб келдилар. Сичқонни чақирдилар. Исми Зийрак бўлган бу сичқон жуда ақлли ва чаққон эди. Бирор фалокат юз берса қочиб чиқиб кетиш учун инидан анчагина тешикчалар очиб қўйган, бир неча кунга етарли озуқа ҳам ғамлаган эди. Дўстининг аҳволини кўриб Зийракнинг кўзлари ёшланди. “Сени ким бу аҳволга солди?”-деб сўради. Чинкабутар дўстига шундай деди:
-Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тақдирдан. Кимнинг пешонасига нима ёзилган бўлса, эртами кечми, шу нарса унинг бошига келади, ундан қочиб қутулиб бўлмайди... Қисмат бизни бу бало гирдобига солди. У бизга дон кўрсатиб кўзимизни боғлади ва ақлимизни қора пардага чулғади. Ҳаммамиз бало занжирига банди бўлиб, бахтсизлик чангалига тушдик. Мендан кўра қувватлироқ ва шаън-шавкатлироқ бўлганлар ҳам қисматдан қочиб қутула олмаганлар. Вақти-соати келганда кун ва ой тутилади, балиқ дарё тагидан юзага қалқиб чиқади, қуш осмон бағридан ерга тушади, нодонлар мақсадга етади, ақллилар ожиз қоладилар.
Зийрак бу сўзларни эшитгач, Чинкабутарни ўраб турган тўр ипларини қирқа бошлади.
-Аввал дўстларимни ўраб турган ипларни қирққин, - деди Чинкабутар. Зийрак унинг гапига эътибор қилмади. Шунда Чинкабутар унга ялинди: - Эй азиз дўстим, сен биринчи галда ўртоқларимни банддан озод қил.
-Сен ўз жонингни халос этишни истамайсанми, яшашга сенинг ҳаққинг йўқми? - деди Зийрак.
-Мен уларга раҳбар бўлишни ўз зиммамга олганман,-деди Чинкабутар. - Шунинг учун уларнинг менда ҳақлари бор. Уларни асраш менинг бурчимдир... Бунинг устига мен уларнинг ҳаракати ва ёрдами туфайли овчининг таъқибидан халос бўлдим. Энди мен ҳам ўз бурчимни адо этиб, ўзимдан аввал уларни қутқазишим керак. Яна шуниси борки, сен мени ўраб турган ипларни қирқа бошласанг чарчаб қолишинг ва оқибатда дўстларим тўрдан қутула олмай ҳалок бўлишлари мумкин. Лекин мен тўрда эканман, сен қанчалик чарчамагин, барибир, мени бу тўрда қолдирмайсан. Тушунгин, ҳаммадан олдин ўзимни қутқарсам, умрим таъна ва маломат тамғаси остида ўтади. Мен бунга чидай олмайман.
-Бу мурувватли ва инсофли одамларнинг хосиятидир. Бу хосият дўстларнинг сенга бўлган ишончи ва муҳаббатини янада мустаҳкамлайди, - сичқон шундай деб бошқа кабутарларни ўраб турган ипларни қирқа бошлади. Шу тарзда кабутарлар озод бўлиб, Зийракка миннатдорлик сўзларини айтдилар-да, учиб кетдилар. Бу воқеани кузатиб турган қарға эса сичқоннинг маҳоратига қойил бўлиб, “кабутарлар бошига тушган ташвиш менинг бошимга ҳам тушиши мумкин, менга бундай дўст бугун бўлмаса эртага керак бўлиб қолади”, - деган фикрда у билан дўстлашмоқни истади. Пастга тушиб сичқонни чақирди ва мақсадини айтди. Сичқон унга деди:
-Сен билан менинг ўртамда ҳеч умумийлик йўқ. Бинобарин, дўст бўлишимиз ҳам мумкин эмас. Нодонлар аҳволига тушмаслик ва ҳикмат аҳлига калтафаҳм бўлиб кўринмаслик учун ақл эгалари мумкин бўлмаган нарсаларни орзу қилмасликлари керак. Қуруқликда кемадан, денгизда эса отдан фойдаланишни истаганлар ўзларини кулгили ҳолга солган бўладилар. Сен билан менинг орамизда қандай муҳаббат бўлиши мумкин? Ахир мен сенинг таомингман, демак, сенинг ёнингда бир лаҳза бўлса-да, тинч ва бехавотир яшай олмайман. Кимки ўз тенги билан бўлмаса охирда пушаймон ейди...
Энди ваъда қилганимиз яна бир воқеа:
Болаликдан бирга катта бўлган икки дўст тижорат билан шуғулланмоқчи бўлишди. Бири қаердандир арзон-гаровга шампан виноси олиб, харидор топиш мақсадида бозорга келишди. Машина эгаси бўлмиш дўст дўкондор билан савдолашмоқ мақсадида ичкари кирди. Иккинчиси кўчада қолди. Ўзича савдо қилиб кўрмоқчи бўлиб, машинадан уч-тўрт шиша вино олиб кўчанинг ўзида сотувга қўйганда милиция ходимларининг қўлига тушди. Дўкондан чиққан машина эгаси дўстининг бу аҳволини кўргач, «мен бу одамни танимайман», деб жўнаб қолди. Уни қутқаришга ҳаракат ҳам қилмагани дўстга хиёнат эмасми? Виждонан қаралса шундай. Лекин масалага иқтисодий томондан ҳам қараш бор экан. Дўстлар даврасида, яъни «улфат гап»ида бу воқеадан хабар топганлардан бири биринчи дўстни айблади. Аммо у дўст айбига иқрор бўлмади. «Мен унга кўчада сот, дедимми? Ўзининг ахмоқлиги учун ўзи жавоб бериши керак», - деди. Орада баҳс бошланганида тижорат илмидан яхши хабардор дўстларнинг бири орани очиқ қилди. «Бу дўстимиз кетиб қолиб тўғри қилган, - деди у, - агар шу менинг дўстим деса, милиса уни ҳам ушларди. Милисадан қутилиш учун икки ҳисса пул тўлаш керак бўларди».
Сиз бу ҳукмга қандай қарайсиз?
Иқтисодий манфаат бор жойда дўстликка ўрин йўқми? Дўстлик ўрнини бевафолик эгаллайдими? Эҳтимол саволимизга бу ривоят жавоб берар? Маълумингизким, бевафо дўстлар ҳақида кўп ривоятлар битилган. Қадим фозилларидан бирининг ҳикояси билан танишсак:
“Хоразмга сафар қилганимда бир киши менга йўлдош бўлди. Уни едириб-ичириб юрдим. У эса менга нисбатан бўлган муҳаббатини, самимий дўстлигини тинмай сўзларди. Йўлда бизга бир ит ҳам ҳамроҳ эди. Овқат қолдиқларини мен итга бериб турардим.
Йўлда икки ўғри бизга ҳужум қилди. Йўлдошим ўғриларни кўрибоқ, мени ёлғиз ташлаб қочиб кетди. Ит эса мени ҳимоя қилди. Бир ўғрининг оёғидан тишлаб йиқитди, талади, оқибатда ўғри аранг қочиб қолди. Иккинчи ўғрини мен ўзим мағлуб этдим. Шундай қилиб, итнинг ёрдамида ўғрилардан қутулдим. Ҳамроҳим ўғриларнинг қочганини кўриб ёнимга қайтди, риёкорлик қилиб, ҳолимни сўради. Мен эса “Сен каби дўстдан шу вафоли ит яхшироқ”, деб уни ёнимдан нари қувдим.
Бизнингча, иймонга суянмаган биродарликда яхшилик йўқдир. Бу отасининг мол-мулкини совурган шаҳзодани эслатади. Дейдиларким, бир шаҳзода отасининг вафотидан кейин юртни идора қилишни унутиб, дўстлари билан айшу-ишратга берилибди ва тез муддатда хазинани кўкка совурибди. Бу ҳолдан хабар топган бир қариндоши вазиятдан фойдаланиб, мамлакатни босиб олибди. Подшоҳликка ҳаваси йўқ шаҳзода бунга парво қилмай тожу-тахтни топширибди-да, ўзи ўша текинхўр дўстлари билан ялло қилиб юраверибди. Охир-оқибат бор-йўғидан ажраб, кафангадо бўлгач, эски ёр-дўстларидан бирортаси унинг ҳолидан хабар олмабди, аксинча барчаси ундан юз ўгирибди. Шаҳзода ҳар куни бозор бошига чиқиб ўтирар, отасининг содиқ ғуломларидан бири унинг қорнини тўйғизар экан. Бир куни собиқ дўстлари уни мазах қилиш мақсадида зиёфатга таклиф этишибди. Ҳаммалари кайфу сафога берилганларида ит келиб гўштни кўтариб кетибди. Дўстлар “Бу шаҳзоданинг иши, неча кунлардан бери гўштнинг афтини кўрмагани учун кўзи очлик қилиб яшириб қўйган”, деб маломатлар қилишибди. Шаҳзода “гўштни мен олганим йўқ”, деб қанча онт ичмасин, ишонишмабди. Маломатдан эзилган шаҳзода паришон ҳолда дўстлари даврасидан чиқиб кетиб, қон-қон йиғлабди. Унинг бу ҳолини кўриб қолган энагаси “Болажоним, сенга нима бўлди?” - деб сўрабди. Шаҳзода аҳволини баён қилибди. Шунда кампир подшоҳнинг васиятини етказиш вақти келганини англаб шаҳзодага учта мактуб берибди. Биринчисида айтилишича, фалон ердаги каптархонага ўн минг тилла яширилган экан, иккинчи мактубдаги баёнга кўра фалон шаҳардаги фалончи исмли кишига ўн минг тилла бериб қўйилган экан. Учинчи мактубда пистон шаҳардаги пистончи исмли кишига ўн минг тилла танга омонатга бериб қўйилгани билдирилган экан. Шаҳзода бу пулларни олиб, бировга муҳтож бўлмасдан яшай бошлабди. Унинг ишлари юришиб қолганидан хабар топган эски жўралари яна хира пашшадай пайдо бўлишибди. Шаҳзода бир куни уларни зиёфатга чорлабди. Улар келгунга қадар тоштарошни чақиртириб, катта бир тегирмон тошини илма-тешик қилиб тешдириб, кўзга кўринарли жойга қўйибди. Зиёфатга келган жўралар бу тошни кўриб, “унда қандай ҳикмат бор экан?” деб ажабланишибди. “Отам замонида, - дебди шаҳзода, - арабистонлик одам бир талай чумоли олиб келган экан. Ўша чумолилар шу тошни илма-тешик қилиб ташлашибди”. “Шундай бўлгани аниқ, - дейишибди жўралар, - биз ҳам шунақа чумолилар борлигини эшитганмиз”.
Бу сўзларни тинглаган шаҳзода ўзича шундай дебди:
“Ана халос, бир бурда гўшт учун ўша куни қанча қасам ичсам ҳам, буларнинг ҳеч қайсиси менга ишонмаган эди. Ҳозир ақл бовар қилмас ёлғонни айтсам, барчалари тасдиқлаб ўтиришибди. Демак, буларнинг барчаси яхши кунимдагина пайдо бўладиган дўстлар экан. Менга эса ёмон кунимга ярайдиган, ноним учун эмас, жоним учун дўст бўлувчилар керак...”
Одамнинг ҳаётда дўстлари кўпдай туюлади. Аммо ўзини дўст деб юрганларнинг юздан саксони манфаат дўстлари, десак фикримизга қўшиласизми? Биласиз, қоғоз пулларнинг, ҳатто дуру жавҳарларнинг сунъийлари, қалбакилари учраб туради. Уларни махсус мосламалар саралаб беришади. Ҳаётда сохта дўстларни саралайдиган мослама йўқ, ҳар ким ўз зеҳни, ҳаётий тажрибасига қараб ажратиб олади-ю, аммо ажратиб олгунича кўп азиятлар чекиши ҳам мумкин. Ҳаётда учраб турадиган таҳликали ва мусибатли кунларнинг фойдали томони шундаки, бир-бирларини танимаган одамларнинг танишиб, дўст бўлишларига йўл очиб беради. Айни чоқда дўстнинг садоқатини синайди. Дўстларга манфаат етказмасдан улардан манфаат кутиш, ерга уруғ сепмасдан туриб, дон олишни тамаъ қилиш каби маъносиздир. Машойихлар “Киши ёндирмайин суҳбатда шамни, ёруғликнинг нишонин кўролмас”, деб бежиз айтмаганлар. Саъдий Шерозийдан бир ҳикмат бор: “Бир азиздин ихвони сафо сийратидин сўрдим, яъни қариндош ва ақрабо ва ошнолар ҳақида на тариқа равиш ва на янглиғ иш қилмоқ муносибдур?” Ул азиз деди: “Адноси улким, ёрларнинг хотири муродни ўз муродидан муқаддам тутғайларким, ҳакимлар ва донишмандлар дебдурлар: “Ҳар биродарким, ўз ишининг бандидадур, биродар эмастур”. Дейилмоқчиким, дўстларнинг муроду манфаатларини ўз манфаатингдан устунроқ қўй, агар киши фақат ўз мақсадлари ва ишлари билан банд экан, ундан дўстлик кутма.
Ўз нафсини ўйлаб қилинган дўстликка жуда тез соя тушади. Дейдиларким, дўстни фойда-зарар ичида синамоқ керак. Яъни, сен дўстинг учун оёқ қўйсанг, ўзингни маҳкам тут. Дўстнинг ҳақиқий дилини билмоқчи бўлсанг, синаш учун унга тилингда ғазаб қилиб ёки қовоғингни солиб кўр. Дўстнинг сенга қанчалик муҳаббати борлигини билмоқчи бўлсанг, унинг энг яхши кўрган нарсасини сўра. Шу иккаласидан сўнг ҳам у қовоғини солмаса, бундай дўстни бошга кўтариш, ширин жон билан баробар тутиш керак. Бир куни тасаввуф илмининг улуғларидан бўлмиш Шиблий ҳазратлари (Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) ҳузурларига бир жамоат келди. Сўрадиларким: “Сизлар кимсизлар?” Улар дедиларким: “Бизлар сизнинг дўстларингизмиз!” Бу жавобни эшитган Шиблий ҳазратлари ўгирилдилар ва уларга қаратиб тош отдилар. Улар қоча бошладилар. Шунда ҳазрат дедиларким: “Нега қочяпсизлар? Агар сизлар ҳақиқий дўстлар бўлсайдингизлар, мендан келган балодан қочмас эдингизлар!”
Бир донишманддан “Қанча дўстингиз бор?” деб сўрадилар. Жавобан дедики:
-Буни билмайман. Ҳозир туриш-турмушим яхши. Умрим фаровонлик билан кечиб турибди. Шунинг учун ҳамма менга хушомад қилиб, ўзларининг дўст эканликларини билдириб турибдилар. Мабодо давлатим қўлимдан кетса, у чоқда қанча самимий дўстим борлигини билиб оламан.
Ҳорун Рашид Баҳлулдан “Энг яқин дўстинг ким?” - деб сўрадилар.
-Қорнимни тўйдирган киши, - деб жавоб берди Баҳлул.
-Қорнингни тўйдирсам, мени ҳам дўст деб биласанми? - деб сўрадилар Ҳорун Рашид.
-Дўстлик ҳам насия бўладими? - деди Баҳлул.
«Бу одамни танимайман», деган «дўст» ва унинг ҳаракатини оқлаган улфат бу ҳикматларни ва энди баён қилинажак масални билса, мағзини чақса эҳтимол бошқача хулосага келармиди? Сиз ҳам танишинг:
Туя билан тулки ҳар ишда ҳамдам ва ҳамдард бўлишга аҳду паймон қилишибди. Бир куни тулки ов қилиб юриб, шерга дуч келибди. Шер унга ташланмоқчи бўлганида тулки унга ёлборибди:
-Эй ҳайвонлар султони! Менга шафқат қилинг, бунинг эвазига шу яқин ўртада ўтлаб юрган азиз дўстим туяни кўрсатай. У сергўшт, мен эсам қоқсуякман.
Тулки туяни кўрсатибди. Аммо шер аввал унинг ўзини бурдалаб еб, сўнг туяга ташланибди.
Қиссадан ҳисса шуки: дўст танлашда шошилмаслик керак. Аввало уни синаб сўнг эътимод этмоқ даркор. Киши дўстлик ипларини бевафолик, ғаддорлик болтаси билан узмасинки, ўз бошига ҳам хийлагар тулкининг куни тушгай. «Кимки дўстликни хор айлабди, уни қисмат жазолагай» -дейишлари бежиз эмас.
Тулки тоифасидаги манфаат дўстларига ибрат бўлсин учун ўтмишдан бир воқеани ёдга оламиз:
Римликлар устига юборилган қўшин орасидаги Абдуллоҳ ибн Хузофа (р.а.) асирга тушиб қоладилар. Унинг Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан эканини билган Рим ҳукмдори:
-Сени ўзимга шерик қилиб олсам насроний бўласанми?-деб сўради.
-Фақат шерик эмас, бутун салтанатингни ва унга қўшимча араб ерларини берсанг ҳам динимдан кечмайман,-дедилар.
Кейин у кишини ғоят азобли қийноқлар билан қийнадилар, қўрқитдилар. Барибир динларидан кечмадилар. Шунда ҳукмдор: «Агар сени қўйиб юборсам, бошимни ўпасанми?» - деб сўради. Абдуллоҳ ибн Хузофа: «Бу одам Аллоҳга қанчалик душман бўлса-да, ўзимни ва дўстларимни қутқариш учун бошини ўпишнинг зарари йўқ», - деган фикрда «Бир ўзимни эмас, шерикларимни ҳам қўйиб юборсанг, айтганингни бажараман», - деб шарт қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Хузофа шериклари билан Мадинаи мунавварага қайтганларида ҳазрати Умар (р.а.) «Абдуллоҳ ибн Хузофанинг бошини ўпиш ҳар бир мусулмонга фарздир», - деб биринчи бўлиб ўзлари ўпдилар.
Дўндамас ва Амазак деган йигитларнинг дўстлиги ҳақида қадим афсона бор. Бу афсонани Александр Македонский тарихчилари юртимизда бўлганларида ёзиб олганлар ва бу тарих китоби юнонлар диёри кутубхонасида сақланади. Иккинчи асрда яшаган Лукианнинг «Дўстлик» деб номланмиш асарида бу садоқатли дўстлик баёни берилган. Биз ҳам танишайлик, зарар қилмас: Дўндамас ва Амазак қиёматли дўст бўлишга аҳд қиладилар. Қабила одатига кўра бир-бирларининг қонларини ялайдилар ва бу билан аҳдларини қатъийлаштирадилар. Улар шундай дўст эдиларким, гўё икки танда бир жон ва бир кўкракда икки юрак каби... Аҳднинг тўртинчи куни уларга душман ҳужум қилади. Қабиланинг маълум бир қисми Сирдарёни (у пайтларда дарё Танаис деб аталган) кечиб ўтиб жон сақлайдилар. Дўндамас ҳам дарёдан сузиб ўтади. Дўсти Амазак эса қоча олмай, душман қўлида қолади. У алам билан фарёд уриб, дўсти Дўндамасни ёрдамга чақиради. Дўстининг ноласини эшитган Дўндамас ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини дарёга ташлаб, у қирғоққа сузиб ўтади. Душман уни найзага рўпара қилиб ўлдирмоқчи бўлганида «Олтин!» деб ҳайқиради. Бу сўз ўзига тегишли асирни пул ҳисобига қутқариб олишни англатгани учун уни ўлдирмай, лашкарбошига рўпара қиладилар. Дўндамас дўстини озод этишни сўрайди. Лашкарбоши эса бунинг эвазига кўп олтин талаб қилади. Шунда Дўндамас:
-Бойлигимизни талаб адо қилдинг. Энди менинг ҳеч вақом йўқ. Дўстимнинг ўрнига мени асир эт, истагингни бажарай, - деди.
-Нега бойлигим йўқ, дейсан? Сен бебаҳо бойлик эгасисан-ку? - деди лашкарбоши унга синовчан тикилиб.- Сенинг шу икки кўзинг - энг бебаҳо бойлигинг, шуни билмайсанми? Сен шу икки кўзингни дўстинг учун бера оласанми? Биз кўзларингни ўйиб олайлик-да, сен дўстингни олиб истаган томонингга жўна!
Дўндамас бу шартга кўнди. Кўзларини ўйиб олишаётганда дўстини қутқаришга эришгани учун Худога шукр қилди. Сўнг икки кўзи ўйиб олингани ҳолида дўстига суяниб қабиласига бориб қўшилди. Амазак дўстининг бу ҳолига чидамади. У ҳам ўзининг кўзларини ўйиб ташлади. Шундай қилиб икки дўст бир-бирига суяниб, дўст садоқати ҳақида достонлар айтиб ер юзи бўйлаб юрдилар... Асрлар ўтди, урушлар ўтди, қирғинлар ўтди... Аммо бу воқеа унутилмади. Афсус шуки, буни кам одам билади. Шу боис фарзандлар тарбиясида бу ибрат четлаб ўтилади.
Эҳтимол айримларга афсоналар ибрати таъсир этмас. Унда бугунги воқеалардан тинглайлик:
Бу воқеа мазкур асар оққа кўчирилаётганда юз берди. Андижоннинг Булоқбоши қишлоғида Муҳаммад Юсуф ҳазратлари яшар эдилар. Аллоҳ у зотни мағфират айласин. Жумъа хутбасини ўқиётганларида жонлари узилибди. Тошкентда Исмоил қори ака деган табаррук зот яшайдилар. Аллоҳ ул зотнинг умрларини янада баракали қилсин. Биродарларининг вафотини эшитишлари ҳамон йўлга отланганлар ва марҳумнинг фарзандларидан аввалроқ етиб борганлар. Юз ёшдан ошган бу табаррук отахон жанозага бормасалар ҳам биров у кишидан гина қилмас эди. Тоғ ошиб, неча юз чақирим йўл босиш машаққати у кишига тўсқин бўла олмади. Чунки зиммаларидаги биродарлик масъулиятини ҳар нарсадан устун қўйдилар. Эҳтимол бу олдинги афсонага нисбатан оддийроқ бўлиб кўринар. Лекин шубҳа йўқ-ки, лозим бўлган тақдирда жонидан ҳам кечишга тайёр турувчи инсонлар айнан шу иймон эгалари кабидирлар.
Мазкур воқеани айтиб беришганда Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган бир шарафли ҳадисни эсладим. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай ривоят қилган эканлар:
Бир киши бошқа қишлоқда турадиган дўстини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборди. Фаришта ундан:
-Йўл бўлсин, қаерга боряпсан? - деб сўради.
-Шу қишлоқда яшайдиган дўстимни кўргани кетяпман, - деб жавоб қилди у.
-Дўстинг сенга бирор яхшилик қилган ёки ундан бирор манфаат кўрган бўлсанг керак-ки, ўшанинг хотираси учун бораётгандирсан? - деб яна сўради фаришта.
-Бизнинг орамизда манфаат йўқ. Мен уни фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўраман, шунинг учун ҳам зиёратига кетяпман,-деб жавоб қилди у киши.
Шунда фаришта дедики:
-Мен Аллоҳнинг элчисиман. Аллоҳ таоло мени атай сенга юборди. Сен уни холисаниллоҳ севганинг учун Аллоҳ таоло ҳам сени севади.
Не бахтки, Аллоҳ севгисига мушарраф бўлаётганлар билан замондошмиз. Ҳадиси қудсийда таъкид этилганидек: «Эй Одам фарзанди! Менга ибодат қилувчиларни дўст тутишинг Менинг сенга бўлган муҳаббатимни яқин қилади ва ибодат қилмайдиган кишиларни ёмон кўришинг сени балолардан аритади». Баён этганимиз у икки мўътабар зот ва уларга ўхшаш биродарларимизнинг холис дўстликлари Аллоҳнинг муҳаббатини янада яқин қилганига шу Ҳадиси қудсийдаги ваъда далолат бўла олар. Яна муҳими шуки, Аллоҳнинг бу муҳаббати фақат шу икки зот ва уларга ўхшаш биродарларимиз учунгина эмас, балки бошқалар учун ҳам манфаатлидир. Зеро, Ҳадиси қудсийда марҳамат қилинурким: «Эй Одам фарзанди! Мен ердаги халқларга (осийликлари учун) азоб юборишни хоҳлайман. Агар (ўша вақтда) Мен учун бир-бирлари билан дўстлашиб, масжидларимни обод қилиб турганларга ва саҳарларда Мендан истиғфор сўраб ўтирганларга назарим тушса, улардан азобимни қайтараман». Гуноҳкор бандалармиз... Гуноҳларимиз учун жазо олмаётганимизнинг сабаби шу эканда, а? Абу Дардо (р.а.) бу хусусда айтган эканларким: «Бир мусулмон банда ўзи ухлаб ётган вақтида гуноҳи кечирилади». Буни эшитиб Умми Дардо сўрабдиларким: «Бу қандайин гап-ки, ўзи ухлаб ётса-ю, гуноҳи кечирилса?» Жавоб берибдиларким: «Бир кишининг дўсти кечаси туриб таҳажжуд намозини ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзининг ва дўстининг ҳам гуноҳини кечирмоғини сўради. Шу дуоси туфайли Аллоҳ таоло ўзининг ҳам, дўстининг ҳам гуноҳларини кечириб юборади».
Эй кўнгил! Эслаб кўр, дуоларингда дўстингни тилга оласанми? Унинг ҳожатини раво қилишни сўрайсанми? Дардига шифо тилайсанми? Унинг гуноҳларини мағфират этмоғини илтижо қиласанми? Ўзинг учун кўп, бағоят кўп нарсаларни сўрашинг тайин. Агар дўстинг хасталанса шифо тилашинг ҳам бор. Аммо... «дўстимнинг гуноҳларини кечир», деб ёлборишни унутиб қўймайсанми? Эҳтимол унинг гуноҳ қилишига сен ҳам сабабчидирсан? Эҳтимол уни гуноҳдан асраш чорасини кўрмагандирсан? Ҳамиша дуода бўл, эй кўнгил, Аллоҳ дўстларингнинг гуноҳларини кечирсин!
Тилимизда «қиёматли дўст», «охират биродари» деган иборалар мавжуд. Бунинг маъноси: Аллоҳнинг розилиги учун бу дунёда бир-бирларига чин, вафоли, садоқатли дўст бўлганлар қиёматда Арши Аълонинг соясида сояланиб туришаркан. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилибдиларким:
«Маҳшар куни ҳамма маҳшар майдонига йиғилганида барча даҳшатли қўрқув ичида, барча қайноқ тер ичида бўлади. Лекин баъзи инсонлар у кун Арши Аълонинг соясида, кўкда кўрадиган юлдузларимиздек юксакда, нурдан бўлган минбарларда юзларидан нур ёғилиб ўтиришади. Кийимлари нурдан, курсилари нурдан... Лекин улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас.
«Улар кимлар, ё Расулаллоҳ!» - деб сўрашдилар. Дедиларки:
«Улар бир-бирларини Аллоҳ учун севган кишилардир».
Ҳа, биз бир-биримизни Аллоҳ учун севишликка буюрилганмиз. Бундай севиш мусулмонларни яқин биродарликка, худди ака-ука каби муносабатда бўлишликка чақиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг бу буйруғига тўла амал қилганлар. Мусулмонлар Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишганда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар бир муҳожирни бир мадиналик билан биродар, яъни ака-ука тутинтирдилар. Ёлғиз ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу) учун мадиналик топилмади. Бундан ҳазрат Али маъюсландилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сен мен билан биродарсан», дедилар. Ҳам амакивачча, ҳам куёв бўлганлари ҳолда энди биродарликнинг қарор топиши энг буюк шараф эди!
Ўша онларда Салмони Форсийни (р.а.) Абу Дардо (р.а.) билан биродар тутинтирганлар. Салмони Форсий насронийликни, мажусийликни билувчи тажрибали киши эдилар. Бир неча муддат насроний руҳонийлар хизматида ҳам бўлганлар. Улардан бири «Охир замон пайғамбари Ҳижоздан чиқади, сен у ерга бор!» - дегандан кейин Маккага ундан Мадинага келганлар. Абу Дардо эса «асҳоби суффа»дан, камбағал, аммо ғоят табаррук инсон эдилар. Биродарлик ҳақларига қатъий амал қилардилар.
Бир куни Салмони Форсий биродарларини зиёрат қилишга келдиларким, биродар-биродарини зиёрат қилишнинг жуда улуғ савоблиги аввалроқ айтилди. Зиёратга келиб, эшикни тақиллатдилар Абу Дардонинг завжалари Умму Дардо (розийаллоҳу анҳо) эшикни очдилар. Уст-бошлари ямоқ, эскириб кетган... Уни кўриб Салмони Форсийнинг юраклари ачишди. У дамларда аслида ҳаммалари камбағал, аммо бирининг бошқага юраги ачишса, бошқасининг нақадар оғир аҳволда эканини тасаввур қилаверинг.
-Бу қандай ҳол бўлди? - деб сўрадилар Салмони Форсий.
Бечора аёл кўзини ердан узмай хаста овозда дедики:
-Сизнинг биродарингиз дунёнинг баҳридан ўтганлар. Дунёга аҳамият бермайдилар. Рўзғор учун ҳаракат қилмайдилар. Шу сабабли мен бу аҳволдаман.
Ўйламангки, Умму Дардо шикоят қилиб, нолидилар. Йўқ, асло! Ўзларининг бу аҳволларидан розилар, дунёга кўз тиккан эмаслар... Оч турарлар... сабр қиларлар...
-Биродаримнинг ўзлари қанилар? - деб сўрадилар Салмони Форсий.
-Ҳозир келадилар, - дедилар Умму Дардо.
Чиндан ҳам кўп вақт ўтмай уй соҳиби келиб, биродарлари билан омонлашдилар. Дастурхон ёзилди. Абу Дардо овқатни меҳмон томон сурдилар.
-Ўзингиз ўтирмайсизми, келинг, бирга ейлик, - дедилар меҳмон.
Абу Дардо аввалига билдирмай турдилар (нафл рўзасини пинҳон тутган савоб), Салмони Форсий ҳадеб қистайверганларидан кейин:
-Рўзадорман, - дедилар. -Сиз ўтирмасангиз, емасангиз, мен ҳам емайман, - дедилар меҳмон.
Хуллас, Абу Дардо биродарларининг иззати учун нафл рўзаларини буздилар. Кеч бўлди, намозларини бирга ўқидилар (уйлари Масжиди набавиядан узоқроқ бўлса керак). Сўнг меҳмоннинг ўзигагина жой тўшадилар.
-Ўзингизга-чи? - деб сўрадилар Салмони Форсий.
Абу Дардо ухламай туни билан ибодат қилиш илинжида эдилар. Меҳмон: «Сиз ётмасангиз мен ҳам ётмайман», - дедилар. Абу Дардо ноилож ётдилар. Аммо бир оздан сўнг турмоқчи бўлганларида Салмони Форсий яна қайтардилар. Субҳи содиқдан аввалроқ Салмони Форсий туриб, биродарларини уйғотдилар. Таҳажжуд намозини ўқишиб, сўнг икковлари ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) масжидларига йўл олдилар. Намоздан сўнг Абу Дардо Пайғамбаримизга биродарларидан шикоят қилдилар.
-Ё Расулуллоҳ, рўзадор эдим, биродарим рўзамни буздирди. Кечаси ибодат қилдирмади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Салмони Форсийдан бунинг сабабини сўрадилар.
-Ё Расулаллоҳ, - дедилар Салмони Форсий, - кўрсам, хотинининг уст-боши ғоят юпун, рўзғори ғоят хароб, турмуши ҳаддан ташқари қашшоқ.
Буни эшитган ҳазрат Пайғамбаримиз унинг муддаосини тушуниб, дедилар:
-Эй Абу Дардо! Салмон ҳақдир. Сен ноҳақсан. Салмон яна тўғрироқ билур. Сенинг устингда Аллоҳнинг беадад ҳаққи бор. Албатта ибодат қиласан. Аммо сенда оилангнинг ҳам ҳаққи бор. Хотининг ҳам эътиборингда бўлиши керак.
Оиланинг ҳаққи ҳақида кейинроқ фикр юритармиз, инша Аллоҳ. Ҳозир оладиган ибратимиз: нафл ибодатларидан кўра дўстнинг иззатини адо этиш афзалроқ экан. Яъни, «ким дўстини эъзозлабди, нафл ибодати савобини олибди», деб тушунсак ҳам бўлар. Аммо бу тушунча нафл ибодатларини бутунлай рад этиш маъносида қабул қилинмаслиги керак. Агар икки ҳолат бир-бирига рўпара келиб қолганда дўст ҳурмати аввалроқ адо этилиши керак, дейилмоқчи.
Мадинаи мунавварадаги мусулмон аҳлининг бир-бирлари билан биродар тутинишлари Қуръони Карим оятларига амал қилишнинг бир кўриниши эди. Аллоҳ таоло буюради:
«Мўъминлар ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инидирлар. Бас, сиз икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар. Шояд, У Зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар.
Мазкур оятни англаш учун муҳтарам уламонинг тафсирларига мурожаат қилсак: Ояти каримада «оға-ини» (бошқа таржималарда «биродар») деб таржима қилинган сўз араб тилида бирликда «ахун» калимаси билан ифода қилиниб, икки хил маънода ишлатилади: 1. Ака-ука, яъни туғишган биродар маъносида. 2. Дўст, оғайни, яъни тутинган биродар маъносида. Аммо худди шу сўзнинг ўзи кўпликда келганда маъносига қараб яна икки шаклда келади: 1. «Ихватун» - туғишган биродарлар. 2. «Ихвонун» - дўстлашган биродарлар. Қуръони Каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўъмин-ларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўъминлар худди туғишган ака-укалардек эканлиги таъкидланган.
Ислом тарихида бу ояти каримага амал қилишнинг ғоят гўзал намуналари учрайди. Шулардан бири Саъд (р.а.) билан Саиднинг (р.а.) дўстликлари ҳақидаги ҳикоядир. Дўстлик аҳду паймонига содиқ бу икки саҳоба жаннат суюнчи хабарига етишганлардан эдилар. Хотин олмайин умрлари саёҳатларда ўтган. Саъднинг оталари - Умар маккалик кофирлардан эди. Саъд ўн етти ёшга тўлганларида иймон келтирган эдилар. Саиднинг оталари Лайе басралик, ғоят тўғри ва солиҳ кишилардан эдилар. Бу икки дўст Диёри Бакр урушида шаҳид бўлганлар. Ҳижратнинг қирқ биринчи йилида жумъа пешин намозида жанозалари ўқилиб, дафн қилинганлар. Хуллас, бу икки дўст сафар қилмоқни ихтиёр этиб йўллари Қулзум денгизига тушиб, кемага ўтирадилар. Кемачи буларга жаҳл қилиб: «Нима учун бекор ўтирибсизлар, эшкак эшинглар!» - деб эшкакни Саиднинг қўлига тутади. Филҳол Саъд туриб: «Эшкакни мен эшайин», деб кемачининг қўлидан эшкакни олади. Саид эса эшкакни ўзига талаб қилади. Кема соҳиби бу меҳрибонлардан бирининг машаққатини иккинчиси ўзига олаётганидан ҳайратга тушади.
Бунга ўхшаш воқеалар бугунги кунимизда ҳам учрайди. «Пўст мағизга қандайин яқин бўлса, дўст ҳам муҳаббатда сенга яқин бўлсин», деган ҳикматнинг амалдаги кўринишларини тез-тез учратамиз.
Ҳаж зиёрати охирлай деб қолган, ҳамма ерларда ҳожиларни кутиб олиш тадориги бошланган дамда, Қурбон ҳайити арафасида бир уйга ўт тушди. Ёнғин қўшниникига ҳам ўтди. Бу хонадон эгалари айни дамда Ҳаж ибодатида эдилар. Энди тасаввур қилинг: кексайиб қолган эр-хотин улуғ ибодатдан қайтсалару куйиб ётган уйларини кўрсалар! Хонадон соҳибларининг фарзандларига Аллоҳ садоқатли дўстларни берган экан. Дўстлар бу уйни бир неча кун ичида тиклаш аҳдини қилдилар. Ҳар ким имкониятидан зиёдароқ ҳисса қўшишга ҳаракат қилди. Гап бу ерда фақат маблағ тўплашда эмас. Дўстларнинг барчалари ёнғин соатидан бошлаб, то уй қайта қурилиб, ҳожи ота ва ҳожи она кутиб олингунига қадар шу ерда бўлдилар. Иш кун чиқардан то қоронғу кечгача давом этди. Дўстлар усталар ва мардикорлар сафида хизмат қилдилар. «Битта кулчани иккига бўлиб, ярмини оч одамга берганни «сахий» деб, ўзи емай, ҳаммасини мухтож одамга берганни «сахий дўст» деб бил», деганларидек, маҳалла аҳли шу кунлар ичи сахий ва беғараз дўстликнинг яхши намунасини кўрдилар. «Яхши либос - танга оройиш, яхши ўртоқ -жонга осойиш», деб бежиз айтмаганлар. Яна ҳазрати Алишер Навоий ёзадиларким:
Ҳар ким биров билан дўст-ёр бўлса, дўст-ёрлик даъвосини қилса, ўзига раво кўрмаганни унга ҳам раво кўрмаслиги керак. Баъзи нарсаларни ўзига раво кўрса ҳамки, ёрига раво кўрмаслиги лозим. Кўп машаққатлардан киши руҳига алам етади. Жисму жони бунга тоқат қилади. Аммо бундай машаққат дўсти бошига тушишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Мабодо хаёлига келтиргудек бўлса, даҳшатдан ҳаёти сўнади.
Ёр улдурки, ҳар неким ўзиға
Истамас, ёриға ҳам истамагай.
Ўзи истарки, ёр учун ўлгай,
Ани мундоқ шарик айламагай.
(Дейилмоқчиким: ўзи дўсти-ёри учун ўлмоққа тайёр, аммо бу ишга дўстини шерик қилмайди.)
Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг таъбири билан айтилса, «сен Аллоҳ таоло учун биров билан дўст тутинсанг уни сут устидаги қаймоқдек кўргин. Уни азиз жонингча, балки ундан ҳам ортиқроқ кўргин:
Тут ул дўстингни сут устинда қаймоқ,
Азиз жонингча кўргил, балки беҳроқ.
Айтилганлардан мурод шуки, дўстининг куйган уйини тиклашда хизмат қилганларни Аллоҳнинг биродарлик хусусидаги амрини бажарганлар, демоқлик мумкин. Энди оятнинг давоми, яъни: «...икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар...»
Ҳаётда энг қадрдон дўст орасида ҳам келишмовчилик, тушунмовчилик ва бунинг оқибат ўлароқ аразлаш ҳам учраб туради. Банда хато ва камчиликлардан холи эмас. Аммо йўл қўйилган хато Аллоҳ учун биродарлашган икки кишини бир-биридан ажратиб юбормаслиги керак. Ҳақиқий дўст биродарининг айбини дарров кечира олиши шарт. Бир оғиз хато гап учун ёки
ноўрин ҳаракат учун ажралиб кетадиган дўстнинг дўстлиги ҳақиқий эмас экан. Баъзан жумъа намозларида ҳам кузатамиз: намозни ёнма-ён ўқийдилар, намоздан сўнг эса бир-бирларига тескари қараб кетадилар. Аллоҳ буюрган бир ибодат бажарилади. Иккинчиси эса унутилади. Бир ибодат бажарилганини атрофдагилар кўриб туришади, иккинчиси бажарилмаётганини кўпчилик билмайди. Аразлашиб юрган одамлар унутмасинларки, бир-бирлари билан оға-инидек бўлиш Аллоҳ томонидан фарз қилиняпти. Бир-бирларига тескари қарадиларми, бас, фарз тарк этилди. Абу Ансорийдан (р.а.) қилинган ривоятга кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Ҳеч бир киши ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юрмоғи ҳалол эмас. Иккаласи тўқнашиб, бири у ёққа, иккинчиси бу ёққа юз ўгириб кетмасин. Уларнинг яхшироғи аввал салом берганидир». Анас ибн Моликнинг (р.а.) амакиваччалари Ҳишом ибн Омир (р.а.) Расулуллоҳдан (с.а.в.) бу ибратни эшитганларини ривоят қилганлар:
«Ҳеч бир кишининг иккинчи мусулмон биродари билан уч кечадан ортиқ гаплашмай юриши жоиз эмас. Шу иккаласи шундай ҳолатда бўлган даврда Ҳақ йўлдан четлашган бўладилар. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр-шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳига каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам жаннатга кирмайди. Агар улардан қайси бири салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса (алик олмаса), салом берганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса шайтон жавоб қайтаради”.
Мазкур шарафли ҳадисда аразчиларнинг жаннатга кирмаслиги ҳақидаги таъкидни унутмаслигимиз керак. Биродарларнинг уч кундан ошиқ аразлаб юришлари мумкин эмаслиги ҳақида яна бошқа ҳадисларда ҳам қайта-қайта таъкид этилади. Ҳатто Абу Харрош Суламийдан ривоят қилинган ҳадисда ўз биродари билан бир йилгача аразлашиб юрса, гўё унинг қонини тўккан бўлади.
Бир маҳаллада икки дўст яшардилар. Икковларининг ёшлари етмишдан ошган. Агар йигирма яшар дўстлар аразлашса тушуниш мумкин: уларнинг ҳаёт тажрибалари кам, қизиққонлар. Бугун бир дўст йўқотсалар эртасига бошқасини топишлари мумкин. Аммо етмиш ёшда дўстни йўқотиш?! Аразлаш учун биттагина ҳазил кифоя қилган. Атрофдагилар уларни яраштириш учун кўп ҳаракатлар қилишди. Сўфий Оллоҳёр ёзадиларким:
Худонинг буйруғидан тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдир қилсанг огоҳ...
Демоқчиларким, Аллоҳ таоло учун тутинган дўстинг бехосдан Аллоҳнинг буюрганидан қайтиб йўлдан чиқса, уни бу бузуқ ишдан огоҳлантириб тўғри йўлга қайтаргин. Ҳақиқий биродарлик ана шундай бўлади, деган ҳикматга амал қилиб, улардан бири уйида махсус зиёфат уюштирди. Масжид имомини ҳам таклиф қилди. Имом бу икки аразчи қариянинг аҳволидан бехабар, қавмнинг илтимоси билан икки мусулмоннинг аразлашуви дуруст эмаслиги ҳақида маъруза қилди. Зиёфат якун топгач, аразчи қариялардан бири соҳиби эҳсонга “Сен менга ақл ўргатиш учун чақирдингми?” - деб дағдаға қила кетди. Хуллас, улар ярашишмади. Кимки аччиқ бўлса ҳам ўз дўстлари насиҳатига қулоқ солмас экан, ишнинг оқибати пушаймонлик бўлади. Бу -табиб буюрган дориларни ишлатмай, парҳез қилмай, ўзининг кўнгли тилаган таомларни еган, истаган ичимликларини ичган беморнинг ҳар дақиқа дарди оғирлашиб кетгани кабидир. Орадан шу зайлда икки-уч йил ўтиб, олдинма кейин вафот этишди. Биринчи дўст вафот этганида ярашишни хоҳламаган киши жанозага келди. Шунда биродарлар дедиларки: “Барибир келар экансиз, аввалроқ келиб рози-ризолик тилаб қолсангиз бўлмасмиди?” У киши эса шунда ҳам паст келмай: “У “менинг ўғлим сеникидан бойроқ” деб керилган, шунисини кечира олмадим”, - деб изоҳ берди. Унинг бу изоҳи тўпланганларга шу даражада бемаъни туюлди-ки, айримлар ундан юзларини ўгирдилар ҳам. Аразлашишга сабаб бўлган баҳона биродарларига ҳам эриш туюлган бўлса, уларнинг қиёматдаги аҳволлари қандай бўларкин?
Мана шу каби воқеаларни эшитганимизда, бирон дўст топганимизда (алҳамдулиллаҳ!) ва йўқотганимизда (астағфируллаҳ!) фикр қилайлик:
-Эй кўнгил, Аллоҳнинг марҳамати билан топган дўстингни йўқотиб қўйдинг-а! Энди уни қиёматда қайда ва қай ҳолда топгайсан? Дўстини йўқотган ҳар бир одам кўпроқ айбни унга юклайди. Сен ундай қилма, кўпроқ айбни ўзингдан қидир. Сўнгги нафасинг чиққунига қадар дўстлигингни қайта тирилтиришга улгуриб қол! Бир оғиз нохуш гап учун аразлаб юриш эвазига дўзах оташини сотиб олиш наҳот сен учун лаззатлироқ бўлса?! Олий ҳимматли, мард одам бир лаҳзада дўст орттиради, пасткаш эса неча йиллик ошналигини бир лаҳзада барбод қилади. Сен пасткашлардан бўлма. Фаровонликни истасанг, бахтли онларингда ҳам дўст-ёр орттириб ол. Биласанки, денгиз тўлиб тошса ҳам дарё сувига муҳтождир. Дўстлар қанча кўп бўлса, кишига бало шунча кам ёпишади.
Донодан сўрабдилар: “Дўстларингдан қай бири барчадан кўра сенга кўпроқ ёқади? Қайси бирини чин биродарлик даражасига етган, деб ўйлайсан? Қайси бирига сенинг муҳаббатинг кучлироқ?” Донишманд жавоб бердиким: “Айб қилсам яширадиган ва узр сўрасам кечирадигани менга ёқиб тушади...”
Баён қилганимиз икки қария узоқ йиллар ўзларини бир-бирларига дўст деб билганлар, аммо қалбларида дўст меҳри йўқ эканидан бехабар яшаганлар. Ҳатто муборак ҳаж ибодатига
борганларида ҳам Аллоҳ уларнинг қалбларига дўст муҳаббатини солмаган экан, на илож? Дўстнинг васли кўрар кўзларга роҳат беради. Уларнинг кўзлари бу роҳатдан бенасиб экан. “Емайсан, аммо тўясан, бу дўст меҳридир”. Улар дўст меҳрига оч яшадиларми? Ҳар ким айбсиз дўст қидираверса, дўсти камайиб бораверади, дўстларини ранжитаверса, душманлари кўпаяверади. Бу қариялар умрлари давомида қанча дўст йўқотиб, қанча топдилар экан? Ҳар бир гулнинг тикони бўлгани каби, ҳар бир дўстнинг ҳам нуқсони бўлиши табиий. Ўз дўстларининг хатоларини кечирмасликнинг, улар етказган зарарни унутмасликнинг одам учун нима фойдаси бор? У қандай инсонки, ўз дўстининг тавба ва узрини қабул этмасин ва уни севинч билан қарши олмасин!? Олижаноб ва мард одам оғир кунларда ҳам ўз дўстини ташлаб кетмайди. Ҳар қандай шубҳа ва гумонга асосланиб, ўртоқлик алоқаларини узмайди, бориш-келиш, салом-аликни канда қилмайди.
Араб фозилларидан Асмаий ёзадилар: “Бир кишини зиёрат қилиб кирдим. У зот кичик бўйра устида ўтирар эдилар. Сурилиб, ёнларидан жой кўрсатдилар. Мен бу илтифот учун раҳмат айтиб дедимки: “Бўйрангиз тор, мен ҳам ўтирсам сиз роҳатсизланасиз”. У зот дедиларким: “Бир-бирига гапи тўғри келмаган икки кишига бутун жаҳон ҳам танглик қилади. Аммо дўстлар учун бир қарич ер ҳам бемалол етади”. Аразлаган ҳолларида бу дунёни тарк этган икки қарияга жаҳон торлик қилдимикан?..
Дўстларни бир-бирларига яқинлаштирадиган нарса албатта, зиёратдир. Юрилмаган йўллар устини тикан ва буталар қоплагани сингари зиёратдан ҳоли дўстлик йўллари ҳам беркилиб қолади. Биров сизга “Дўстимни бир-икки ойдан бери кўрганим йўқ”, - деса билинг-ки, у муҳаббатли чин дўст эмас экан. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган шарафли ҳадислардан бирида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Бир киши дўстини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга: “Ҳаётинг яхши ўтсин! Яхши иш қилдинг ва жаннатдан ўзинг учун жой ҳозирладинг”, -дейди”. Бу соҳада ҳам биз баъзан меъёрни орттириб юборамиз ёки меъёрга етказмаймиз. Расулуллоҳ “Дўстингни унга малол келадиган даражада эъзоз-икром қилма”, деб таъкидлаганлар. “Гулистон”да шундай баён этилади:
“Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) хизматлариға келур эрди. Ул ҳазрат дедилар: “Эй Абу Ҳурайра, ҳар кун келмагил, то ўртада муҳаббат зиёда бўлғай ва соҳиби диллар дебдурларким, агарчи офтобнинг мунча ҳусн ва хўблиғи бордир, аммо ҳеч киши ани дўст тутмоғусидур, онинг учунким, ҳар кунда кўрунодур ва лекин қишдаким аксари вақт маҳжубдур, бу жиҳатдин ҳаммага маҳбубдур”.
Байт:
Дўстни кўрмакка бормоқ айб эмас,
Лек безор ўлғудек кўб бормоғил.
Қил муҳаббатни фузун кам-кам бориб,
Беҳуда ортуқсан, ранжи ахтармағил.
Одамлар бир-бирларига муҳтождирлар. Ўзаро муносабат пайдо қилмасалар, ишлари нотамом қолади. Одамларга аралашмасдан ёлғизликни севиш, жамиятдан қочиб юриш ақлга мувофиқ иш эмас. Шунинг учун ҳам янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда бир даража юқори кўтаражаги ҳадисларда таъкид этилган. Ёлғизликни севишни ножоиз дедик. Аммо ҳаётда яна бир ҳақиқат бор - нодон дўстдан кўра ёлғизлик яхшироқ. Нодон одам дўст бўла туриб шундайин кунларни бошингга соладики, кейин душманларинг чангалидан мутлақо қутулиб чиқа олмайсан. Биз дўстни нодон деймиз, ҳолбуки, сўраб-суриштирмай ҳар қандай одам билан дўстлашиб унга кўнглидаги борини очиб ташлайдиган одамнинг ўзи нодон эмасми? Низомий ҳазратлари ёзганлар:
Жоннинг душмани ҳам гар бўлса доно,
Ақлсиз дўстдан у юз карра аъло.
Тилимизда “сирдош дўст” деган атама бор. Ҳар кишининг юрагини қон қилувчи сири бўлганидек, бу сирни ошкор қилишга арзигулик дўсти ҳам бўлади. Дўст-ку, сирингизни эшитар, ошкор қилмасликка ваъда ҳам берар, аммо ваъдасига вафо қилишидан кўра хиёнат қилиши аниқроқдир. Дўстларни бир-биридан айириб юборадиган сабаб ҳам айнан шундадир. Дўстига сир айтиб сўнг пушаймон бўлганларнинг сони-саноғи йўқ. Ҳолбуки, жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) “бир одамни жуда яқин олмагинки, у вақти келиб душман бўлиб қолиши мумкин”, деб огоҳлантирганлар. Яқин деб билинган дўст душманга айланмаса ҳам айтилган сирга хиёнат қилиши кутилажак ҳолдир. Бир шогирд донишманд устозидан сўраган экан:
-Менинг жуда муҳим сирим бор. Шу сиримни дилимда сақлайвериб, юрагим қон бўлиб кетди. Ишончли дўстимга сиримни айтиб, юрагимни бўшатиб олмоқчиман.
Бу гапни эшитиб устоз дедики:
-Сенинг сиринг фақат ўзинггагина керак, бошқа одамга сира ҳам керакмас. Модомики ўз сирингни ўзинг сақлай олмасанг, бошқа киши ўзига мутлақо кераги бўлмаган бу сирни қандай сақлай олади? Агар у сирингни ошкор қилса бунга таажжуб этишнинг ҳожати бўлмайди.
Табиатда ҳамма нарса ўз хили билан юради. Оққуш қорақушга қўшилмайди. Одамлар гарчи бир хилга ўхшасалар-да, бирининг қалби оққуш иккинчисиники қорақуш кабидир. Ҳаттоки учар
қушлар ҳам ўз шерикларини ажратишни уддасидан чиқар экан, инсоннинг бунга амал қилмоғи мутлақо шартдир. Шу боис шоир дейдики:
Бўлмагил ҳар кимга жонинг бирла, йўлдош ўзгадир,
Айтмагил ҳар кимсага сирингни, сирдош ўзгадир.
“Яхши либос - танга оройиш, яхши ўртоқ - жонга осойиш”, деганларидек яхши ўртоқни бошқалар орасидан ажрата олиш ҳам ақлга боғлиқ. Ақлли одамлар учун дўстликдан азизроқ ҳеч нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи шарт. Лекин дўстлик тилсимларининг калити сирни сақлай билишдадир. Учинчи одам билмаган сир ёйилмайди. Чунки учинчи одам эшитган сир албатта оғиздан оғизга ўтади ва бунинг олдини олиш мумкин эмас. “Беҳаё дўстликка ярамас, нопок сирдошликка”, деган мақол бор. Тўғри, барчани нопокликда айблаш ёки гумон қилиш ақлдан эмас. Аммо орада шайтон борлигини ҳам унутмай, дўстимизни асраш учун унга сиримизни айтмай қўя қолганимиз минг марта афзал.
Айрим биродарларимиз “ҳеч кимга айтманг, фақат сизга айтяпман буни” деб сирларини бир неча кишига маълум қилиб қўядилар. Тўрт кишидан учтаси ваъдага вафо қилиб, сирни сир тутиб юраверади. Аммо биттаси “гуллаб” қўяди. Оқибатда сир айтган одам тўрттала дўстидан гумонсираб ёки ранжиб юраверади. Баъзан эса шу баҳона бўлиб, дўстлик ипларини узиб юборади.
Дўстлик масаласида айрим фикрлар борким, баҳслашишга ҳам тўғри келади. Масалан, сиз бу фикрга қандай қарайсиз:
Тўғри ва соф одамлар дарров дўст бўлиб оладилар ва бу дўстлик узоққа чўзилади. Фитначи одамлар дарров дўстлаша олмайдилар, муносабатлари тез ва осон бузилади. Яхши ва олижаноб одамлар бир соатли кўришиш ва бир кунли танишиш муддатида одамнинг кўнглини овлайдилар. Аммо кўпдан бери танишиш ва дўст бўлиш орзусида юрган ичи қора одамлардан марҳамат ва лутф кўзлаб бўлмайди. Улар қўрқув ва ғараз туфайли дўст бўлишни истайдилар.
Албатта бу ҳикматни рад этмаймиз. Аммо ҳаётда бунинг аксига кўпроқ дуч келамизким, бизнинг эътирозимиз ҳам айнан шунда. Тўғри ва соф одамлар, олимлар агар дўстлашсалар уларнинг биродарликлари арзимаган нарсага бузилмайди. Тўғри ва соф одамларни, олимларни биз “зукко, доно” каби сифатлар билан улуғлаймиз. Демак, улар яхшини ёмондан тез ажрата олиш қобилиятига эгалар. Бироқ, янги танишларини яхши одам эканини билиб турсалар ҳам у билан дўстлашишга шошилмайдилар. Нега? Эҳтиёткорликни бу қадар ошириб юборишлари ўринлими? Ёки атрофларидаги фитначиларнинг сўзларига қулоқ тутадиларми? Ахир фитначилар билан дўст бўлган кимса энг яхши одамлар ҳақида ҳам ёмон фикрда бўлади, вақт ўтганидан сўнг эса кўзлари мошдай очилади-ю, аммо пушаймон ейишдан ўзга чораси қолмайди. Ариқ ва сой суви денгизга қуйилгунга қадар ширин бўлади. Қардошлик ва дўстлик муҳаббати разил одамлар орага тушгунга қадар мустаҳкам бўлади. Афсусли ери шундаки, разиллар айнан яхшилар орасига тушади. Яхшилар бир-бирларини англаб етгунларича разиллар бирлашиб оладилар. Ҳаётда кузатамизки, яхшилик мақсадидаги дўстликка мустаҳкам пойдевор қўйилгунига қадар разиллар ўз биродарликлари саройини қуриб бўладилар. Тўғри, уларнинг бу саройлари мустаҳкам эмас, тез орада бузилиб кетади. Бироқ, бузилгунига қадар яхши дўстлик иморати пойдеворини ҳам яксон қилишга улгуради. Кўрамизки, олимлар олимлар билан, шоирлар шоирлар билан дўстлаша олмайдилар. “Гадонинг душмани гадо бўладир”, дейилганидек, бу доноларнинг ўзаро дўстлашувларига эҳтимол вужудларига эгалик қилаётган ҳасад ўти йўл қўймас? Разил ва хоин одамлар улардаги айнан шу хасталикдан фойдаланишар? Разил ва хоин одамларнинг дўстлиги илонни тарбия қилишдек бир нарса. Илон эгаси уни қанчалик яхши парвариш этса ҳам пайт келганда бир кун ўз эгасининг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантиради, ўз вафосизлигини намоён этади. Саҳар шабадаси ҳам дўстликка ўхшайди. Агар у гулзор томондан эсса - хушбўй бўлади. Нажосат бор ердан эсса - бадбўй бўлади. Тарихда бунга мисоллар оз эмас. Ўтган асрда Сталин замонидаги репрессияларда жон берганлар, азоб чекканлар дўстлик либосидаги айнан шундай разилликнинг қурбони бўлган эдилар. Донолар бир-бирларини ҳимоя қила олмадилар, демак, улар чин дўстлик мақомига ета олмаган эканлар. Алдамчи дўстликнинг фожиаси шунда. Бир масал борким, уни унутмасак, фойдадан ҳоли бўлмас:
Бир мамлакатдаги ўрмонзорда каламуш билан мушук яшар эди. Овчи келиб дарахт остига дом қўйиб кетган эди, нодон мушук илиниб қолди. Каламуш бу ҳолни кўриб қувонди. Аммо кўзи ўзига ташланишга тайёр турган латчага тушди-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Тепага қараса-ки, бойқуш ҳам уни мўлжаллаб турибди. Нима қилсин? Олдинга юрса мушукка йўлиқади, орқага қайтса, латча парчалаб ташлайди, индамай қотиб турса, бойқушга ем бўлади. Каламуш ўзига ўзи дебди: “Бало денгизи туғёнга келиб, фалокат тўфони ҳужумга тайёр турибди. Шунга қарамай мен ноумид бўлмаслигим, ўз ҳаётимни қутқаришим керак. Бу ҳолда менга ақлдан яхши мададкор йўқдир. Ақлли ҳеч қачон саросимага тушмаслиги, қалбини даҳшат ва ташвиш чулғаб олмаслиги керак. Энди мен учун ягона нажот йўли бало занжирида талпиниб ётган ва менинг ёрдамимга муҳтож бўлган мушук билан келишиб дўстлашмоқликдир. Балки у ўз вазиятини назарда тутиб, менинг сўзларимга қулоқ осар ва душманликдан воз кечиб, халос бўлиш учун маслаҳатларимни
қабул этар. Шундай қилиб, ҳар иккаламиз балодан омон қоламиз”. Шу қарорга келган каламуш мушукдан: “ҳол-аҳволинг қалай?” - деб сўради.
-Бундай бало домига тушиб, азият чекканларнинг аҳволи қандай бўлар эди? - деди мушук зорланиб.
-Шу вақтга қадар сен ғамнок бўлсанг мен қувонар эдим. Ҳозир иккимизнинг бошимиз хатарда қолди. Мен бу балодан қутулиш учун сендан нажот кутаман ва шу сабабли сен билан дўстлашмоқчиман. Агар менга тегмасанг ёнингга бориб бандларингни кесиб сени ҳам озод қиламан. Сўзларимга ишон, хайрихоҳ эканимга шубҳа қилма. Ҳеч кимга ишонмайдиган ва ҳикмат эгаларининг сўзларига қулоқ солмайдиган киши бахтли ҳаёт кечиролмайди. Ақл эгалари ишни пайсалга солиб, фурсатни қўлдан бермайдилар. Кема дарғанинг саъйи ҳаракати билан соҳилга етиб боргани каби халос топишимиз икковимизнинг ҳаракатимизга боғлиқ бўлиб турибди.
-Сенинг бу гапларинг ақлга мувофиқ, - деди мушук қувониб. - Таклифингни бажону дил қабул этаман ва ўлгунимча сендан миннатдор бўламан. Дебдурларки, душман сен билан сулҳ тузишни истаса, унинг узатган қўлини қайтарма.
-Мен ҳозир сен томон юраман. Олдингга борганимда мени меҳрибон дўст каби кутиб ол, душманлар иноқлашганимизни кўриб, жўнаб қолсинлар. Шундан кейин мен тузоқ ипларини қирқишга киришаман.
Мушук бу маслаҳатни ҳам қабул қилгач, каламуш ишга киришди. Лекин мушукнинг назарида у имиллаётгандай кўринди.
-Мен сенинг аҳдингга ишонган эдим, - деди тоқати тоқ бўлган мушук. - Душманларинг кўздан йўқолиб, хатардан қутулганингдан кейин сўзингдан қайтмоқчимисан?
-Мен берган сўзимнинг устидан чиқаман, лекин ўз жонимни сақлашни ундан афзалроқ деб биламан. Мен душманларим ҳужумидан сенинг ёрдаминг туфайли омон қолиш мақсадида дўстлашишга мажбур бўлдим. Аммо сенинг у душманларимдан ҳам хавфлироқ эканингни унутганим йўқ. Мен таҳликани даф этиб, хатарли ишларнинг олдини олиш учун сен билан муроса қиляпман. Бу вақт ва замон тақозоси билан қилинган бир тадбирдир. Ҳар ишнинг ўз ери, ҳар соатнинг ўз ҳукми бордир. Вақтни ўтказиб, мавқеини қўлдан бермоқлик калтабинликдир. Мен тўрнинг ипларини қирқаман, хотиржам бўл. Аммо битта асосий бандни жонимнинг гарови сифатида сақлаб тураман. Уни сен ўзинг билан овора бўлиб, менга ҳужум қилишдан кўра муҳимроқ ташвиш билан машғул бўлиб, ўз жонинг ғамини еб қолганингдагина кесаман. Ана шунда сен банддан озод бўласан, мен ҳам сендан қутуламан.
Каламуш айтганини қилди. Бир оздан кейин узоқда овчининг қораси кўринди.
-Энди охирги бандни кесмоқ, ваъда устидан чиқмоқ вақти етди, - деди каламуш.
Мушукнинг кўзи овчига тушиши биланоқ ўлим ваҳмида қолди. Каламушни ҳам унутди. Шунда каламуш охирги бандни қирқди. Мушук жонҳолатда сапчиб, дарахт устига чиқиб кетди. Каламуш эса инига кириб кетди. Эртаси куни инидан мўралаб мушукни кўриб қолди.
-Эй дўстим, нега мендан хавфсирайсан? - деди мушук.- Қўлга киритилган энг яхши ноёб нарсани - дўстлигимизни сақлаб қолиш керак. Яқинроқ кел, мен яхшилигингни қайтарай, мурувват қилиб, мардлигим ва сахийлигимни кўрсатай.
Мушук садоқатдан қанча гапирса ҳам каламуш инидан чиқмай деди:
-Зоти душман бўлиб, дўстликдан лоф урганларга, дилида ғаним, тилида дўст бўлганларга ишониш мумкин эмас.
Бу каби масалларни ўқиб ёки эшитиб ҳайрон қоласан киши: ҳайвонларнинг ақли етган нарсаларга онгли жонзот ҳисобланмиш одамларнинг ақли калталик қилиб қолади. “Сен ўзингга дўст ахтар, душман ўчоқ бошидадир”, деган ҳикматга кўпинча аҳамият берилмайди. Ўша - ўчоқ бошидаги манфаат дўстлиги кўзни шамғалат қилиб қўяди. Тўшаги тикандан, ёстиғи илондан бўлган одамнинг уйқуси ширин бўла олмайди. Инсон идрокининг расолиги, ақли комиллигининг аломати шуки, дўстларидан бири душманлик қилса ё ғурурланиб кетса бунга қарши дарҳол чора кўради. Масалан, аввал юмшоқ сўз билан, сўнг эса кескир сўзлар билан кўнгли яраланади. Бу ҳам таъсир этмаса, қўл билан урилади. Бу ишлар ёмонлик эмас, эзгулик саналади. Шунда ҳам тўғри йўлга келмаса, у билан дўстлик ипи узилади. Чунки у фосиқдир. Фосиқ билан бўлиш эса яхши амалларни бузади. Лекин у биродарига Аллоҳдан ҳидоят тилаб, яхши дуолар қилаверилади. Худди Робиъа (раҳматуллоҳи алайҳо) каби. Робиъа доим муножотда дер эканларким: “Илоҳи! Дунёда менга неки берар бўлсанг, душманларга ҳам бер! Охиратда менга не берар бўлсанг, дўстларга ҳам бергил!” Бу дуода чуқур маъно ва ҳикмат бордир. Яъни бу дунёда менга берилган ҳидоятни, ишқни, иймонни... душманларимга ҳам бергилким, улар залолатдан чекинсинлар. Охиратда эса менга жаннатни раво қилсанг, дўстларимга бергин бу неъматни, дейилмоқчи.
Истиқлол шарофати туфайли Сталин замонидаги яширин ҳужжатлар билан танишиш имкони туғилди. Фожиа шунда эканки, ўша йиллари қамалган ва отиб ташланганларга ўз дўстлари холис хизмат қилиб берганлар. Абдулла Қодирийни олайлик. Сталин ўзбекда шундай ёзувчи борлигини биларканми? Ёки “Ўтган кунлар” китобини ўқибдими? Усмон Носир қамалганда Сибирдан туриб Сталинга хат ёзган эканлар, ўзларининг айбсиз эканликларини исбот этмоқчи бўлганлар. Масковдаги идора бу хатни текшириш учун Тошкентга юборган. Тошкентдаги “дўстлар” Усмон Носир ижодида халқ душманига хос мазмун борлигини таъкидлаб жавоб йўллаганлар. Бу ўринда биз хусумат, ҳасад, ғараз каби иллатлар булоғидан сув ичиб семирган дўстликка дуч келяпмиз. Дўстларнинг ҳасади душманларнинг хусуматидан ёмондир, деган ҳикмат шу ўринда ўз исботини топади. Ҳа, душманлардан кўра баъзи дўстлар кишига кўпроқ зарар етказадилар. Чунки душмандан эҳтиёт бўласан, аммо дўстларнинг душманлигидан қутулиш қийин. Дейдиларким: “Чин душманнинг агарчи ҳийласи таъсир этмади, макр этмакдин ожиз бўлса, ҳийла била дўстлик мақомиға келур ва ондин сўнг дўстлиғ сурати била андоқ ишларни қилурким, ҳеч бир душман они қила олмас”. Ножинс кишининг зарар етказишини ўйламай, у билан дўстлашиб, суҳбатдош бўлиб юрган одамнинг охири ғам-ҳасратга гирифтор этилажагига тоғам - Мирзакалон Исмоилийнинг қамалишларига доир ҳужжатлар билан танишиб чиққанимда ишонган эдим. Тоғам бу воқеалар ҳақида гапиришни истамасдилар. Мени ажаблантирган нарса -ёзувчига қарши туҳмат қилганлар унинг энг яқин дўстлари эди. Уруш йиллари елкама елка турган дўстлар туҳматдан ўзларини тия олмаганлар. Мен у кишиларни танир эдим. Чунки тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам улар билан дўстликларини узмаганлар. Уларнинг туҳматчи эканликларини билганлар, аммо айбларини кечирганлар. Тоғам-ку, дўстликни сақлаб қолиш учун кечиргандирлар. Аммо Аллоҳ кечирганмикин? Донолар дерларким: “Душман сўзи билан дўст паймонин синдурдинг. Кўргилким, кимдин жудо бўлуб, ўзунгни кимга еткурдинг?” Туҳмат билан қамалганлар озодликка чиққанларида туҳматчи дўстлари уларнинг кўзларига қандай қарадилар экан, мен шу ҳақда кўп ўйлайман.
Жалолиддин Румий ҳазратлари “Оқил дўсти бор кишининг ойнага муҳтожлиги йўқ”, деган эканлар. Биз шуни сал ўзгартириб: “Хоин дўсти бор кишининг душманга муҳтожлиги йўқ”, десак қалай бўларкин? Аввалги йили марҳум бир ёзувчининг туғилган куни нишонланди. Сўзга чиққанлар унга дўст бўлганларини қайта-қайта таъкид этиб у зотни шарафладилар. Аммо бирортаси “биз у билан дўст эдик, ошхўрлик ёки пивохўрлик қилардик, афсуски қамаладиган пайтда уни ҳимоя қила олмадик”, демади. Ҳолбуки ҳужжатлар далолат беришича, дўстларини ҳимоя қилишга уриниш у ёқда турсин, Ёзувчилар уюшмаси сафидан ўчириш чоғида ёмонлаганлар, “халқ душмани” деган тамғани ўзлари тайёрлаб берганлар. Бу дўстлар ўша даврда қўрқоқлик қилгандирлар ёки бошқа сабаб бўлгандир. У замон учун айблашимиз балки нотўғридир. Энди ноҳақ жабр кўрган дўст вафот этган, туҳматчи, бевафо дўстларнинг умри ҳам куз япроғига ўхшаб бир шохчага илиниб турибди. Шуни фаҳм этиб, тавба қилиб олсалар бўлмасмикин? Уларни тавба қилмаганлари учун айбласак тўғрироқ бўлар. Бироқ, бизнинг мақсадимиз уларни айблаш ва ҳукм чиқариш эмас. Бу воқеаларни эслашдан мақсад - ёшларнинг эътиборини тортишдир. Чунки бу каби хоинликлар фақат битта замонга хос эмас ва бутунлай йўқ бўлмайди. Бугунми ё эртагами бошқача кўринишда юз очаверади.
“Кимки биродарига, унинг молига ёки обрўсига зулм етказган бўлса, динор ва дирҳам бўлмаган кунда ундан олинмасидан аввал у билан розилашиб олсин. Агар яхши амаллари бўлса, зулмига яраша яхшиликларидан олинади. Яхши амаллари бўлмаса, мазлумнинг гуноҳларидан олиниб, унга берилади, кейин у дўзахга ташланади”. Шарафли ҳадисда баён этилган бу ҳақиқатни унутмасак дуруст бўлар эди.
Дўстлар орасидаги муҳаббат занжири қанчалик бақувват бўлмасин, уни уза оладиган куч топилади. Унутмаслик керакки муҳаббатли, чин дўстларнинг биродарлигини кўролмайдиган ҳасадгўйлар кўп учрайди. Улар шунчаки ҳасад қилиб юра қолишмайди, дўстлик занжирини узишга обдон уринишади, уза олишса роҳатланишади. Булар “Фақат Аллоҳ учун бировни дўст тутиш ва фақат Аллоҳ учун душман тутиш Аллоҳ таоло ҳузурида севимли амаллардандир”, дейилган ҳадиси шарифдан бехабар жоҳил инсонлардир. Яна бир масалнинг ўрни келди:
Бир оролда маймунлар салтанати мавжуд эди. Подшоҳи ақлли ва доно эди. Бироқ, умрининг баҳори ўтиб, қарилик исканжага ола бошлагач, ўрнини пешанасида саодат нури порлаган ёшга бериб ўзи денгиз қирғоғидаги ўрмонда ёлғиз яшай бошлади. У бир анжир дарахтига чиқиб, меваларидан тановул қилди. Шу онда бир анжир меваси узилиб, сувга шалоплаб тушди. Бу овоз маймунга ёқиб қолиб, дам-бадам анжир узиб сувга ташлайверди. Шу сувда бир тошбақа сузиб юрган эди. У маймун ташлаган анжирларни тутиб маза қилиб егач: ”Маймун буларни атайин мен учун ташлаяпти, таниш бўлмагани ҳолда шунчалар меҳрибонлик кўрсатяптики, агар дўстлашиб олсам муҳаббати бунданда зиёда бўлар”, деб ўйлади-да, қирғоққа чиқиб у билан саломлашди. Шу тарзда дўстлашиб қолдилар. Маймун подшоҳ бўлганини, энди кучдан қолиб шу ерларда ҳасрат билан яшаётганини сўзлаб берди. Тошбақа унга маҳлиё бўлиб қолдиким, ҳатто уй-жойига, хотини ҳузурига қайтишни ҳам унутди. Тошбақанинг хотини эрининг узоқ муддат хабарсиз кетганидан хавотирланиб, қўшнисига арз қилди. Қўшниси: “Мен эшитдимки, эринг бир маймун билан дўстлашиб, унга мафтун бўлибди, унинг васлини сенинг ҳижронингдан устун тутиб, сенинг фироқинг оловини унинг висоли суви билан ўчириб юрибди. Энди ғам чекишнинг фойдаси йўқ. Бир тадбир кўриш керакким, токи эринг уйга қайтсин ва у дўстни унутсин”, деб маслаҳат берди. Улар ўйлай-ўйлай “маймунни ўлдиришдан бошқа чора йўқ”, деган қарорга келишди. Тошбақанинг хотини “оғир хастаман”, деб эрига хабар жўнатди. Тошбақа маймунга узр айтиб уйига келиб қарасаки, хотинининг аҳволи оғир. Тошбақа савол сўраса жавоб бермайди. Шунда қўшниси:
-Беморнинг дарди оғир, маймуннинг юрагини пишириб емаса ўлиши тайин, - деди.
Тошбақа “Маймуннинг юрагини қаердан топсам экан?”-деган ташвишда ғамга ботди. Қанча ўйламасин бирон-бир чора топа олмади. Охири дўсти бўлмиш маймун ёдига тушиб, ўзига ўзи деди:
-Агар орамиздаги дўстлик ва садоқатга қарамай унга хиёнат қилсам, бу номардлик ва инсофсизлик бўлади; агар аҳдга вафо қиламан десам уйимнинг таянчи, ҳаётимнинг безаги, фарзандларимнинг паноҳи бўлган хотинимдан ажралиб қоламан.
Тошбақа анчагина вақт бу ҳақда ўйлаб изтироб чекди, шубҳа ва тараддуд ичида қолиб, ниҳоят хотинининг ишқи ғалаба қилди. Оқибатда у вафодорликдан воз кечиш қарорига келди. Лекин яхши билардики, маймунни бу ерга келтирмагунича мақсадига эриша олмайди. Шу боис у маймуннинг ҳузурига қайтди. Айрилиқ ўтида ёнаётган маймун уни зўр қувонч билан кутиб олиб, оиласининг ҳол-аҳволи, хотинининг сиҳат-саломатлиги билан қизиқди.
-Сенинг фироқинг ўти шундай ёндирдики, уларни кўришдан бирон ҳам лаззат ололмадим, - деди тошбақа. - Ёлғизлигинг эсимга тушганида тинчлигим бузилиб, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Мен сени уйимга олиб кетгани келдим. Марҳамат қилиб борсанг, фарзандларимни кўриб, хаста хотинимни ташрифинг билан севинтирсанг, қавм-қариндошларим, дўст-ошналарим олдида бошим осмонга етарди. Улар тайёрлаб қўйган овқатларини олдингга қўйиб, меҳмондўстлик бурчларини бажарсалар. Шу билан менга кўрсатган меҳрингга яраша оз бўлсада жавоб қайтара олганимдан қувонардим.
Бу гапларни эшитган маймуннинг қалбига ҳаяжон оралаб деди:
-Сен дўстлик ва аҳд-вафода мени ўзингдан устун қўйма, чунки орамиздаги дўстлик ипини сен бошлаб мустаҳкамладинг. Энди мен ўз кўнглимнинг ҳоқониман. Сен билан дўстлашганимдан бери бахт-саодат ичида яшаяпман. Агар бу дўстликнинг роҳатбаҳш шамоли менинг димоғимга аввал етганда эди, бундай тинч, бахтли яшашнинг шундай ширин эканлигини билсайдим, фойдаси оз, ғами эса кўп ҳукмдорликдан аллақачонлар воз кечиб юборган бўлардим. Саховат аҳли назарида дўстлик ғоят бебаҳо нарсадир. Ҳақиқий дўстларнинг бири машриқда бошқаси мағрибда бўлса ҳам барибир, бир-бирларини эслаб ва шундан тасалли топиб яшайверадилар. Денгиз сафарига чиққан одам ўзига ҳамроҳ ахтаради, лекин дўстлари бундай сафарга бормасалар, буни душманлик деб ҳисобламаслик керак. Сен меҳмонга таклиф қиляпсан, майли борай, аммо сувдан сузиб ўта олмаслигимни биласанми?
-Хотиринг жам бўлсин, сени ўз орқамда кўтариб, манзилимга олиб бораман. Сен у ерда роҳат ва фароғатда яшайсан, - деди тошбақа.
Хуллас, маймун ўз тақдирини дўстига топширди. Тошбақа уни орқасига миндириб, сувда сузиб кетди. Ярим йўлга етганда ўйланиб қолди ва ўз-ўзига деди:
-Олимлар “вафосизлик ва хиёнат, айниқса эътиборсиз хотинлар учун қилинган хиёнат энг катта гуноҳдир”, дейдилар. Улуғларнинг яна шундай гапи бор: “Олтиннинг софлигини ўтда, ҳайвоннинг кучини оғир юк ортилганда, инсоннинг тўғрилигини омонатга хиёнат этмаслигида билса бўлади. Ҳар ҳолда донолар хотинларнинг макр-хийлаларига алданмасликни аъло кўрадилар.
Тошбақа бир-бирига зид шундай фикрларга банди бўлиб, сув ўртасида тўхтаб қолди. Унинг қалбида қандайдир ғалаён мавжудлигини сезган маймун шубҳаланиб, дўстидан сўради:
-Сенга нима бўлди, фикрлар уммони сени ғарқ этяптими ё мени кўтариш сенга оғирлик қиляптими? Сезиб турибман, сени виждон азоби қийнаяпти. Сен шу дамда ўз нафсинг билан курашяпсан.
-Виждоним қийналаётгани рост. Сен бизникига биринчи марта боряпсан. Хотиним касал, уй ивирсиб ётгандир, сени кўнгилдагидек кутиб ололмасам-чи, деб кўнглим ғашланяпти, - деди тошбақа сир бой бермасликка тиришиб.
-Сенинг номусли ва тўғри бўлганлигинг, мени дилдан дўст ҳисоблаб яхши ният билан уйингга олиб бораётганлигингни билиб турибман. Ўтиришимиз қанчалик содда, дастурхон қанчалик фақирона бўлса, суҳбатимиз шунчалик самимий ва ширин бўлади. Сен бу борада ташвиш тортма.
Тошбақага бу далда маъқул келгандай бўлиб яна бир оз сузди-ю, ўй-хаёлга берилиб, яна тўхтади. Бундан маймуннинг шубҳаси ортди ва ўзига-ўзи деди:
-Дўстидан шубҳа қилган одам ўша соат тадбир кўриб, унга нисбатан эҳтиётли муносабатда бўлиши, ўзини сақлаши керак. Агар шубҳалари тўғри чиқса, муқаррар бўлган фалокатдан ўз жонини сақлаб қолган бўлади. Гумони хато бўлиб чиқса, эҳтиёткорлик қилгани учун уни койимайдилар.
Юрак тез-тез ўзгариб тургани учун уни қалб* деб атаганлар. Ҳар дақиқада у нима хаёлга тушади, нияти яхшими ё ёмонми билиб бўлмай қолди.
Маймун хаёлидан шуларни ўтказиб дўстидан “Яна нима бўлди, яна хаёл дарёсига чўкдингми?” - деб сўради.
-Нима қилай, хотинимнинг касаллиги, сиҳатининг ёмонлиги хаёлимни паришон қилмоқда.
-Дўстлик ҳурмати учун юрагингдаги ташвишни очиқ айтдинг. Хотинингнинг дардига нима даво экан, табиблар айтишибдими?
* “Қалб” - араб тилида “айланувчи”, “ўзгарувчи” деган маънони англатади.
-Табиблар шундай дармон белгилашганки уни топиш мумкин эмас.
-У қандай дармон экан?
-Маймуннинг юраги...
Буни эшитиб маймуннинг қути учиб кетди. Кўз олди қоронғилашди ва ўзига-ўзи деди:
“Мени бу даҳшатли фалокатга судраган нарса баднафслик ва очкўзлик бўлди; мени бу қўрқинчли гирдобга шуҳратпарастлик ва ҳарислик солди. Энди эса мени ҳийла ва тадбирдан бошқа ҳеч нарса халос эта олмайди. Агар оролга борсам, ўлишим муқаррар, ўзимни бу ерда сувга ташлаб қочмоқчи бўлсам, чўкиб кетишим тайин...”
Маймун шу фикрларни хаёлидан кечириб, дўсти тошбақага деди:
-Олимлар айтубдирларки, халққа зарур бўлган озуқани яширган шоҳ, биродарларининг бахтли бўлиши учун керак нарсани бермаган дўст “шоҳ” ва “дўст” деган номларга нолойиқдирлар. Мен хотинингни қанчалик севишингни биламан, унинг соғайиб кетиши учун зарур бўлган дармонни бермаслик дўстликка хиёнат қилиш демакдир. Менга хотинингнинг дарди маълум, чунки бизнинг маймун хотинларда ҳам бунақа хасталик тез-тез учраб туради. Биз уларга юракларимизни бериб, даволардик. Ўзимиз эса юраксиз ҳам яшаб юраверардик. Агар сен буни соҳилда айтганингда, мен юрагимни ўзим билан бирга олиб чиқар эдим. Қариган вақтимда менга юракнинг сираям кераги йўқ. Қайтага уни кўтариб юриш мен учун ортиқча юк, ортиқча заҳмат. Чунки шу пайтгача юрагимга қўнган ғам-андуҳлар жуда ҳам кўп. Кеча юрагимнинг дарди бир оз камайсин, деб жойидан олиб қўйган эдим.
-Юрагингни нима учун уйда қолдирдинг? - деб сўради тошбақа ажабланиб.
-Маймунларда бир одат бор: яқин дўстларининг уйларига кетаётганларида меҳмондорчилик яхши ва ширин ўтсин, деб ғам ва алам маскани ҳисобланган юракларини ўзлари билан олиб бормайдилар. Ақлли ва иффатли хотинингнинг хасталигини эшитгач, юрагимни олиб борсам эзилиб кетади, деб ўйладим. Албатта, сен менинг дўстлигимни синагансан, шунинг учун сўзларимга ишонасан. Лекин сенинг қавму қариндошинг “қалин дўст бўлса ҳам ўзига унча зарур бўлган нарсани бизга беришни истамаяпти”, деб бадгумон бўлишлари мумкин. Яхшиси, орқага қайтайлик-да, юрагимни олволайлик.
Тошбақага бу таклиф маъқул келиб, орқага қайтди. Қирғоққа етишгач, маймун бир-икки сакраб, дарахт устига чиқиб кетди...
Масалдан олинажак маъно шуки, дўстлик саройини тиклаш осон эмас, тикланган саройни турли офатлардан сақлаш унданда қийинроқ. Офатлардан бири айнан шу - фитна. Фитна бўронини ҳар томондан кутиш мумкин. Аввал айтганимиздек, ўзини дўст деб танитган учинчи одам, фарзандига дўсти томонидан ёмонлик келишидан гумонсираган ота-она ёки масалда баён этилган - хотин. Дўст либосидаги фитначилар ҳаётда бошқаларга нисбатан кўпроқ учрайди. Уларнинг қўлларида ғараз қиличи бордир ва бу қилич аёвсиздир. Фарзандини дўстидан айирмоқчи бўлган ота-онада ғараз йўқ. Фарзандлари танлаган дўст айрим ҳолларда ота-оналарга ёқмаслиги мумкин. Ота-она бу дўстга баҳо беришда кўпроқ унинг ота-оналари нуфузига эътибор қаратадилар. “Яхши оиланинг фарзанди, демак, у билан албатта дўстлашиш керак”. Уларнинг ҳукми шу! Бу ҳукм кўпинча алдамчи хулосаларга асослангани учун хато бўлади. Ота-оналар ўзларининг калтабинликлари ва ўжарликлари туфайли фарзандларини яхши дўстлардан ҳам айириб юборадилар. Аввал насиҳат билан, сўнг қатъий талаблар билан, агар булар таъсир этмаса бирон-бир иғво билан бўлса-да, муддаоларига эришадилар. Фарзандларининг дўстдан айрилиши ота-она учун жиддий масала бўлиб туюлмайди. Фарзандлари бирон тугмача ёки рўмолча йўқотсалар ачинишлари мумкин, аммо дўстни йўқотсалар ачинмайдилар. Бу йўқотиш ўзларининг ҳаракатлари натижаси бўлса “шу боладан узоқлашганига шукр”, деб қувонадилар.
Азизлар, эҳтимол шу онда сизнинг кўнглингизда ҳам ўғлингиз ёки қизингизнинг бирон дўстига нисбатан норозилик бордир. Сиз уларни ажратиб юборишга киришишдан аввал ўйлаб кўринг: у йигит (ёки қиз) сизнинг фарзандингизга дўст бўлишга нолойиқ экан. Хўш, ўзингизнинг фарзандингиз бошқаларга дўст бўлишга лойиқми? Сиз фарзандингиз дўстини узоқлаштириш чораларини ўйлаб ўтирганингизда қайсидир хонадон соҳиблари сизнинг фарзандингизни ноқобил дўст ҳисоблаб ўз фарзандларидан нари қилишни ўйлашаётгандир? Икки дўстни ажратишдан аввал яна ўйлайлик: фарзандимиз бундан кейин яна шундай дўст топа олармикин? Эҳтимол биз ёмон деб тамға босаётган дўст даражасидаги бошқа одамга умр бўйи муҳтож бўлиб яшар? Албатта фарзандларимизнинг дўст танлашларига эътиборсиз қарамаслигимиз керак. Уларнинг бу борада тажрибасиз эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Аммо биз билан ёшлар ўртасида йигирма-ўттиз йиллик фарқ борлигини ҳам унутмайлик. Замонлар ўзгарувчан эканини ҳам ҳисобдан чиқармайлик. “Менинг ёшлигимда дўстим шундай эди”, деган гаплар бугунга тўғри келмай қолиши мумкин.
Хотинлар масаласи ниҳоятда нозикдир. Икки бўйдоқ дўст орасида хотин пайдо бўлгач, уларнинг муносабатларида ислоҳга эҳтиёж сезилади. Оила қурган йигит (ёки қиз) эътиборини кўпроқ оилага қаратишга мажбурдир. Энди оила мустаҳкамлиги биринчи галдаги вазифага айланади. “Хотинни деб улфатларимдан воз кечмайман” дейдиганларни калтафаҳмликда айблашга ҳаққимиз бор. Деярли ҳар куни чойхонадами ё бошқа ердами улфатчилик қиладиганларни учратиб турамиз. Қанчадан қанча келинчаклар бу серулфат, оилага меҳрсиз эрларни тун ярмигача кутадилар. Аввал ўзлари сўнг фарзандлари билан кутадилар. Бу одамлар дўстликни фақат улфатчилик, зиёфатдан иборат деб янглишадилар. (Бу ҳақда тарбия бобида ҳам бир-икки сўз айтган эдик, ёдингиздами?)
Йигитлар уйланишгандан кейин янгича улфат ташкил қиладиган бўлиб қолишди. Бу улфатда (“гап”да) жуфт-жуфт бўлиб ўтириш. Дўстлигимиз янада мустаҳкамлансин, аҳли аёлларимиз ҳам бир-бирлари билан борди-келди қилишсин, деган мақсадлари яхши. Аммо улфатчилик тарзи яхши натижа бермайди. Аёллар орасида турли ғийбат чиқиши табиий. Ундан ташқари орада шайтони лаъин борлигини унутмаслик шарт. Биргина беҳаё кўз қараши билан дўстликнинг ҳам, оиланинг ҳам бузилиб кетишига мисоллар етарли. Дўст қанчалик содиқ ва солиҳ бўлмасин, у хотин учун номаҳрам саналади. Дўстликни сақламоқчи бўлган биродарлар шу ҳукмга итоат этсалар мақсадга мувофиқдир (Оила бобидаги мисолни эслайлик).
Дўстларни ажратишга уриниш алоҳида шахслар орасида учраб туришига гувоҳ бўламиз. Худди шу нарсанинг давлатлар орасида ҳам мавжудлигига унча эътибор бермаймиз. Ҳолбуки икки давлат дўстлигининг бузилишидан турли фожиалар туғилади. Икки шахс дўстлигининг бузилишидан шу икки кишининг ўзи ёки атрофидаги беш-ўн яқинлари азият чекишлари мумкин. Бироқ, икки давлат дўстлигининг бузилишидан мингларча одамларнинг ёстиғи қуригани ҳақида тарихдан мисоллар кўп. Афсус шуки, икки шахс ва икки давлат орасидаги дўстликни бузишга уриниш тирик жараён, ҳеч қачон ўлмайди. Ўлдириб ҳам бўлмайди. Кишининг эҳтиёт чораларини кўриб юришдан ўзга чораси йўқ. Аввалги жамиятда “халқлар дўстлиги” деган иборани кўп ишлатардик. Шу дўстликни мустаҳкамлаш учун тадбирлар ўтказиларди. Ҳарбий хизматда эканимда юз берган бир воқеани ҳануз унутмайман. Табиийки, қисмда турли миллат фарзандлари бор эди. Кунларнинг бирида “Халқлар дўстлиги” кечаси ўтказилди. “Клуб” деб аталмиш бинода халқлар дўстлигига ҳамду санолар айтиларди, ташқарида эса ўша турли миллат фарзандлари муштлашарди. Оддий муштлашув пичоқбозлик ва қотиллик билан якун топди. “Халқлар дўстлиги” тантанасининг эртасига икки аскар йигитнинг мурдаси уйига жўнатилди. Бу фожиага “миллий зиддият” деган тамға босилмади. Оддий безорилик натижаси сифатида қаралгани тўғри эди. Чунки бошланган муштлашув замирида миллатни ҳимоя қилиш тушунчаси йўқ эди. Лекин лозим бўлиб қолган тақдирда унга миллий адоват либосини кийдириш ҳам мумкин эди. 1988 - 89 йилларда Фарғона ва Ўш фожиаларида шундай бўлди. Турклар кўчириб келингандан кейинги йиллар давомида ўзбек ва турк йигитлари орасида озми-кўпми муштлашув бўлиб турган. Қотиллик ҳам бўлгандир. Аммо унга ҳеч ким миллий адоват нуқтаи назаридан қарамаган эди. Масала айбдорларни жазолаш билан якунланган эди. Лекин ўша йилларга келиб қайси бир нодон сиёсатчиларга каттароқ жанжал кўтариш керак бўлиб қолди ва оддий тўқнашувга сиёсий тўн кийдирилди. Оқибатда юзлаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилди. Энг муҳими - дини бир, урф-одатлари бир халқларнинг қони тўкилди. Неча юз йиллар давомида ёнма-ён яшаган ўзбек йигити билан қирғиз йигити бир-бири билан муштлашмаганмиди? Йигитчиликда бўладиган гаплар булар. Жанжал кучайган тақдирда бири иккинчисига пичоқ тортиб юборган бўлиши мумкин. Бироқ тўда-тўда бўлиб уйларга бостириб кирмаганлар, бегуноҳ одамларни ўлдирмаганлар, чақалоқларни тириклайин ўтга ташламаганлар. Совет Иттифоқи деган мамлакат парчаланишини олдини олиш учун биз томонлардаги халқларни бир-бирларига ёвлаштириш зарур эди. Бу фитна шу сабабли амалга оширилди. Ўзбекистон томоннинг оғир-босиқлиги, мулоҳазакорлиги туфайлигина фитначиларнинг мақсади тўла амалга ошмади. Улар ўзбеклар Ўшдаги биродарларининг ҳимоясига ташланишади, деган умидда эдилар. Агар шундай бўлганда инсон қонлари дарё бўлиб оқиши мумкин эди.
“Халқлар дўстлиги” деган нарса албатта яхши. Аммо буни рисоладагидай амалга ошириш мумкин эмас. Назаримизда халқлар орасидаги айрим шахслар ўзаро дўст бўлишлари мумкин. Уларнинг бу дўстлиги халқларни бир-бирига яқинлаштириб туради. Айрим халқлар орасида айрим одамларнинг бир-бирларига ёвлиги биз хоҳлаётган ўзаро дўстлик йўлига ҳамиша тўғон бўлиб туради. Шу боис ўша айрим шахслар дўстлигини эҳтиёт қилишимиз зарур. Албатта каминанинг бу фикри сизларда баҳс уйғотиши мумкин. Шу боис бу мавзуни миллат ва дин ҳақидаги бобда давом эттирсак, деган таклифим бор.
Демак, мавзуга қайтамиз: фарзандингиз сиздан “у ўртоғимни ёмон дедингиз, бунисини ялпоқ дедингиз, қанақа одам билан дўст бўлайин?” деб сўраб қолса, жавобга тайёрмисиз? Эҳтимол мана бу жавоб сиз билан бизга маъқул келар?
-Ким дўстларига нисбатан макру ҳийла билан иш тутса, дўстлари унга нисбатан ёлғонни “туҳфа” қиладилар. Душман билан яқинлашган кишидан унинг дўстлари қочадилар. Сўрасаларким: “Номуносиб дўстдан қандай қутулмоқ мумкин?” Жавоб булдирким: “Зиёратига бормаслик ва бирон нарса сўрамаслик билан”. Сўрасаларким: “Жондин ҳам ширинроқ нарса надир?” Жавоб булдирким: “Беғараз дўст суҳбати”. Сўрасаларким: “Кимлар билан дўстлашмоқ мумкин?” Жавоб бундайдир:
-1. Қаноатли кишилар. 2. Ўз сўзидан қайтмайдиганлар. 3. Олим ва ҳунар соҳибларини қадрлайдиганлар. 4. Хиёнат ва номардликдан нафрат этадиганлар. 5. Яхши хулқли назокатли кишилар. 6. Ғазаб вақтида ўзини қўлга оладиганлар. 7. Сахийлар. 8. Бадахлоқ одамларнинг айшу ишрат мажлисларидан нафратланувчилар билан дўст бўлувчиларнинг йўли саодат йўлидир.
Сўрасаларким: “Кимлар билан дўстлашиб бўлмайди?” Жавоб бундайдир:
-Ақлдан маҳрум бўлганларнинг маслаҳатларига амал қилувчилар; ўз сўзида турмайдиганлар, сўзидан тонувчи ва ёлғончилар; буюк ишлардан сабри тез тугайдиганлар ва кам хафсалалилар; нонкўрлар; ёшининг катталигига қарамай одоб қонун-қоидаларига амал қилмайдиганлар; осонликча хиёнат йўлига тушиб кетадиганлар; пулни ҳаётдан афзал кўрувчи очкўзлар; пасткаш ва маишатпарастлар; ҳаёсизлар; одамлардан сабабсиз шубҳаланиб, уларни асоссиз гуноҳкор қилувчилар; ўзининг заиф эканини била туриб узоқ сафарга чиқишни қасд қилганлар; ўз муаллимини ва бошлиғини танимаган худписандлар билан дўст тутинган кимсанинг йўли оқибат хорлик йўлидир.
Яна дейликки:
-Сенинг ранж-аламингни баробар тортадиган, шодлигингга шодланадиган дўстни изласанг, бундай дўст ноёбдир. Сенга ўзини дўст қилиб кўрсатадиган тасодифий дўстлар эса жуда кўп.
Сўрасаларким: “Агар ҳақиқий дўст топиш менга муяссар бўлса, у билан қандай муомала қилишим керак?” Жавоб бундайдир:
-Ҳақиқий дўст топсанг, унга содиқ бўл, хиёнат қилма. Ҳамма вақт дўст тутмоқни одат қилгил. Зероки, ҳар кишининг дўсти кўп бўлса, айблари шунча сир тутилур ва фазилати кўпаюр. Ҳар кишики дўстларини ёд қилмаса, дўстлари ҳам уни ёд қилмаслар ва оқибат бу киши дўстсиз қолғусидир. Кўнглингдаги дўстлик муҳаббатини сўзинг ва ишинг билан кўрсат, дўстинг сирин ошкор қилишдан сақлан, унинг ёнида бошқаларни ғийбат қилма. Дўстинг муҳтожликда қолса, дарҳол унга ёрдам бер. Унда бирор айб содир бўлса, ҳоли жойда (!) айбини айтиб, юмшоқлик билан насиҳат қил. Агар дўстинг сенинг айбингни айтиб, насиҳат қилса, ундан миннатдор бўл. Ҳар дўстким, сендан ҳеч сабабсиз гинали бўлса, унинг дўстлигидан тамаъ қилмагилки, жаҳонда ундан айблироқ ва ундан ёмонроғи бўлмагай. Билгилким, жаҳонда айбсиз одам бўлмас, аммо сен салоҳиятли, мурувватли бўл, чунки бундайларнинг айби кам бўлурлиги аён. Агар дўстингнинг кўнгли ҳеч гуноҳсиз сендин қолса, уни қайтаришга машғул бўлмагил, бундай таъмагир ва кекчи дўстдан узоқроқ бўлганинг маъқулроқ. Бундайларнинг дўстлиги ҳақиқий саналмайди, балки тамаъ учун бўлади. Ҳасадли кишилар билан яқинлашишдан ҳам парҳез қил, чунки ҳасадли киши дўстликка сира ҳам лойиқ эмас, чунки ҳосиднинг ҳасади ҳаргиз кетмас ва сендан гина қилишни сира канда қилмас. Мурувватсиз, фазилатсиз кишини ҳам дўст тутмагилким, бундай кишининг хосияти бўлмас, уларни мол-дунё дўстлари сафида кўр, улар ор ва номус дўстлари қаторидан жой ололмаслар. Дўстингга ёлғон сўзлама. Унинг душмани билан дўстлашма. Дўстинг бошига бирор мушкул иш тушса, қайғули ҳодиса юз берса, уни шу мусибатдан қутқазишга жону дилинг билан кириш, дўстингнинг ота-она ва оила аъзоларига меҳрибон ва шафқатли бўл. Ҳар вақт янги дўст топсанг, эски дўстларни тарк этма ва воз кечма. Дўстинг ҳамиша кўп бўлаверсин, чунки яхши дўст киши учун бебаҳо хазинадир, деганлар. Одамлар билан дўстлигинг ўртача бўлгани маъқул. Дўстим кўп деб барчасига умид билан кўнгил боғлайвермагин, орқа-олдингга қарагин. Дўстларингнинг эътиқодларидан ғофил бўлмагин. Уларни фароғатли ва тангдаст кунларингда имтиҳон қилгин. Агар ўзинг қашшоқ бўлсанг бой дўст талаб қилмагин, чунки қашшоқни дўст тутучилар кам бўлади. Абу Ҳамза Бағдодий дебдурларким: “Фақирларни дўст тутиш оғир, унга сиддиқлардан бошқалар чидай олмайдилар”. Ҳаётда кўп учратамизки, молдорлар қашшоқларни хуш кўрмаслар. Шу боис киши ўзига тенг дўст ахтаргани маъқул. Аммо киши молдор - бой бўлсаю қашшоқдан дўсти бўлса бу унинг аъло фазилатидир. Билмоқ жоизким, дўст уч хил бўлади: 1) дўст; 2) дўстнинг дўсти; 3) душманингнинг душмани. Душман ҳам уч хил: 1) душман; 2) дўстингнинг душмани; 3) душманингнинг дўсти. Энди билгилким, дўстларнинг дўстлари ҳам сенинг дўстларингдир. Эҳтимолки, унинг ўша одамга дўстлиги сенинг дўстлигингдан аълороқдир. Агар дўстинг сенинг душманингни севса, бундай дўстдан эҳтиёт бўл. Чунки бундай дўст душман тарафидан сенга ёмонлик қилишдан ҳам андиша қилмайди. Сенинг дўстингга душман бўлган дўстдан ҳам парҳез қилганинг яхши. Ҳар дўстки, сенинг душманингни душман тутмас, уни дўст демагил.
Яна сўрасаларким: “Тасодифий дўстлар билан қандай муносабатда бўлиш лозим?” Жавоб бундайдир:
-Тасодифий, юзаки дўстларга ҳам қўлингдан келганича яхшилик қил. Лекин сиру асрорингдан хабардор этма, улар ёнида ҳар хил сўзлар сўзлашдан тилингни тий. Уларни юзаки муомала билан қувонтириб, кўнгилларини ўз тарафингга мойил қил. Улардан бири кўринмай қолса, бошқа шундай ошна-оғайнилардан унинг аҳволини сўра, бироқ, мол-ашёларингни уларга айтма, ўз аҳволингни яширин тут. Сенга ярим дўст бўлувчилар ҳам учрайди. Улар билан ҳам соз муносабатда бўл, улар сендан яхшиликлар кўравергач, якдил дўст бўлишлари мумкин. Искандардан сўрабдиларким: “Оз сармоя билан бунча кўп мулкни қандай қўлга киритдингиз?” Искандар дебдики: “Раҳмдиллик билан душманларимни қўлга олдим, аҳдга вафо билан дўстларимни йўлга солдим”. Яхши ва ёмон одамни бир-биридан кўнгил кўзи ила ажрата олгил. Уларнинг икковига ҳам дўстлик қилгил. Яхшиларга кўнгил билан, ёмонларга тил билан дўстлик қилгилким, токи икки тоифанинг ҳам дўстлиги сенга нисбатан пайдо бўлсин. Чунки кишининг ҳожати бир дўст билангина раво бўлмас. Бир вақт бўлурким, кишининг ҳожати зарурат юзасидан ёмонларга ҳам тушиши мумкин. Демак ҳар икки тоифанинг дўстлигига эътибор қил. Нохуш хабарни чин бўлса ҳам дўстингга етказма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил. У айб можаросини душман қилаверсин. Чунки адоват қилмоқлик - душман ҳунаридир.
-Ақлсиз одамлар билан ҳаргиз дўст бўлмагил. Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир. Чунки ақлсиз дўст шундоқ ишлар қилурки, ақлли душман уни қила олмас. Мурувватли, илмли ва вафоли кишилар билан дўст бўлсанг уларнинг фазилатлари туфайли сенинг ҳам шуҳратинг ортгай. Бемурувват, меҳр-шафқатсиз, илму ҳунарсиз кишилар билан бирга бўлгандан кўра танҳолик афзалроқдир. Дўстга лойиқ одамни икки нарсадан билса бўлур. Бири - дўстининг ҳоли танг бўлиб қолса ёки қашшоқликка юз тутса ундан юз ўгирмайди, балки молини ундан дариғ тутмайди. Яна бири - дўсти вафот этганидан сўнг ҳам дўстининг фарзандлари, қариндошларини ва дўстларини зиёрат қилиб тургай. Уларга яхшлик қилгай. Дўстининг мозорига бориб зиёрат қилгай, хасрат чекиб дуолар қилгай. Ривоят қилурларким, Суқрот ҳакимга “Бутпараст бўл!” деб кўп айтдилар. Ул зот “Бундоқ сўзни айтурдин тил чекингларким, мен ҳаргиз ул ишни қилмасман!” - дедилар. Суқрот ҳакимни ўлдиришга олиб борардилар. Шогирдлари зорлиғ қилиб сўрадилар: “Эй ҳаким, энди ўлимга кўнгил қўймишсиз, айтинг, сизни қай ерга дафн этайлик?” Суқрот бу саволни эшитиб, табассум билан дебдиларким: “Қай ерни кўнглунгиз тиласа, ул жойга дафн этинг, жасадим қайда бўлса сўнгакларим унда бўлғай. Сиз мени ёд қилсангиз бас!”
Биз талаб қилаётган дўстга хос фазилатларнинг барчасини бир сўз билан “иймон” деб атасак адашмаймиз. Яъни иймон эгасидагина шу фазилатлар жам бўлади. Демоқчимизки, дўстни иймон эгалари сафидан қидиринг. Иймонсизлар сафида фақат душманни учратасизким, бу ҳақда адоват ва душманлик бобида кейинроқ алоҳида фикр юритамиз.
Иймон осмони остидаги покиза дўстликнинг энг юксак намунаси Аллоҳ ва банда орасидаги дўстликдир. Тилимизда “валий” атамаси бор. Бу “яқин” (дўст) демакдир. Кўплик маъносида “авлиё” бўлади. Киши ишқ, иймон ва тақвода юқори даражага эришса Аллоҳ уни ўзига дўст тутади ва унга маълум кароматлар беради. Тарихда ҳаёти биз - бандаларга ибрат бўлувчи авлиёлар кўп ўтган. Бу даражага етиш кўпчиликка ҳаддан зиёд оғир ва машаққатли туюлиши маълум. Бироқ “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобининг муаллифи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзишларича, Аллоҳнинг дўсти бўлиш осон экан. Бунинг учун аввало, Аллоҳга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Бунга Аъроф сурасидаги “Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”, ояти каримаси, Юнус сурасидаги “Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор...” ояти каримаси далил эканини эслайлик. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таборак ва таоло шундай марҳамат қилган: “Эй Одам фарзанди, сен ихлос ва солиҳ амал билан менга хизмат қил. Зеро, Мен яхши амаллар билан хизмат қиладиган кишини дўст тутарман ва унга ҳам солиҳ инсонларни хизматкор қилиб қўяман...” Яна марҳамат қилинадики: “Эй Одам фарзанди, кимки менинг бирор дўстимга адоват ва душманлик қилса ва унга озор берса, билгилки, ундай банда Менга қарши жанг қилишга қасдланганлардан бўлади”.
Ҳа, Аллоҳ дўстларини ана шундай ҳимоя қилади. Шу билан бирга талаб этадики: “Эй Одам фарзанди, Мен сени дўст тутувчиман. Шундай экан, шул дўстлигим туфайли мени ҳам ўзингга дўст тутгил”. “Дўст тутгил” - яъни тоат-ибодат қил, дейилмоқчи. Имом Муҳаммад Ғаззолий ҳазратлари ибодатларни икки гуруҳга бўладилар. Биринчиси - биз билган ва бажараётган одатдаги ибодатлар: намоз, рўза, закот, ҳаж... Иккинчиси - одат тарзидаги ибодатлар. Одат тарзидаги ибодатларнинг энг ёқимлиси -дўстлик, биродарлик қилишдир. Одат тарзидаги ибодатларнинг энг ажойиби Аллоҳ учун севмоқ, Аллоҳ учун дўстлик ришталарини боғламоқликдир. Аллоҳ учун зиёрат қилишнинг улуғ савоби бор. Икки киши бир-бирларини Аллоҳ розилиги учун яхши кўрса, шубҳасиз ҳар иккови Аллоҳнинг севгисига мушарраф бўлади. Ислом динимиз одамларни бир-биридан йироқлатишга ундамайди, аксинча, дўстликни ҳаётда барқарор қилишга ундайди. Бу йўлда юришни истамаганлар эса Ҳадиси қудсийда таъкид этилганидай Аллоҳга қарши қасдланганлар тоифасидан бўлади ва шунга яраша жазо олади.
Валийлик даражасига етиш бахтига мушарраф бўлганларнинг ҳам ўзларига яраша дардлари бўлган. Робиъа Адавиййа (раҳматуллоҳи алайҳо) кўп йиғлар эдилар. “Нечун кўп йиғлайсан?” -деб сўрадилар. Дедилар: “Аллоҳ билан унс (дўст) тутдим. Айрилиқдан қўрқғаймен. Мабодо ўлим вақтида нидо келмасинким: “Сен бизга керак эмассан”, - деб”. Бу ҳолат ҳар биримиз учун ибратдир. Бундан англашимиз лозимки, Аллоҳ билан банда орасидаги, хусусан банда билан банда орасидаги дўстликни авайлашни, асрашни бир нафас ҳам унутмаслигимиз зарур. Робиъа доим зорлик билан бўзлар эдилар. Айтишар эдиким: “Эй охират аёли, кўряпмизки, зоҳир бир касалинг дардинг йўқ. Нечун бундай бўзлайсан?” Жавоб қилдиларким: “Зоҳир хасталигим йўқ, аммо ботинимда бир дард бор, табиблар бу дардни ҳеч муолажа қила олмагайлар. Дардимнинг дармони дўст висолидир”.
Дўст висоли - Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтидир. Аллоҳ жамолини бандаларига фақат жаннатдагина кўрсатади. Дўстлик бурчини яхши адо этишимиз баробаринда барчаларимизга Дўст висолини кўриш насиб этсин, деган умидда дуога қўл очайлик:
Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларга дўст неъматини берганинг учун Ўзингга беҳисоб равишда шукрлар қиламиз. Ўзингга сиғиниб сўраймизки, бу неъматингни бизлардан олиб қўйма. Қиёматга қадар туғилиб, яшайдиган зурриёдларимизни ҳам шу бебаҳо неъмат билан неъматлантир. Дўстларимиз билан орамиздаги садоқатни бардавом ва мустаҳкам айла. Дўстларимизнинг хонадонларига қут ва баракот бериб, ҳамиша Ўз паноҳингда асра. Дўстларимиз орасида беморлар бор, уларнинг дардларига Ўзинг шифо бер. Дўстларимиз орасида ҳожатмандлар бор, уларнинг ҳожатларини Ўзинг раво айла. Дўстларимиз орасида сафарни ихтиёр қилганлар бор, уларнинг сафарларини бехатар қил. Адашган бандаларинг орасида дўстларимиз ҳам бор, гуноҳларини кечириб, уларга Ўзинг ҳидоят бер. Дўстларимиз орасида аразлашганлар бор, уларнинг дилларини Ўзинг кечиримлилик нури билан ёрит. Дўстларимизнинг ишларида омадларини бериб, мартабаларини баланд айла.
Ё Раббимиз Аллоҳ! “Эй ором олувчи нафс, (умринг тугади), энди розилик билан Раббингга қайт!” деган нидо етишиб ва Ҳақ чақириғига “лаббайка” жавобини бериб, қабрларга жойлашган дўстларимиз бор. Уларни Ўзинг мағфират айла. Қиёматдаги савол-жавобни енгил қил. Ўзларидан кейин қолган фарзандлари, қариндошларига сабр бер. Дўстларимизга дўстлик хизматини яхши адо этолмаган бўлсак, гуноҳларимизни кечириб, ул ҳаққига дуоларимизни қабул айла!
Ё Раббимиз Аллоҳ! Дўстларимиз билан бизларни бу дунёда топиштирдинг, Ўзингга шукр, энди қиёматда Ўзингнинг жаннатингда бизларни яна бирга қовуштиришингдан умидвормиз, ноумид қилма. Дўстларимиздан қайси бирларинидир дўзах ўтига ташлаб, дўст айрилиғи азоби билан жазоланишдан Ўзинг асра. Ўзингнинг васлингга дўстларимиз билан биргаликда етишмоқлик саодатига етиштир. Омийн йа Раб ал-оламийн!