forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => O'zbek nasri => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 29 May 2009, 01:18:59

Nom: Anvar Namozov. Azal kotiblari (qissa)
Yuborildi: AbdulAziz 29 May 2009, 01:18:59
Azal kotiblari (qissa)

(http://www.ziyouz.com/images/books/azal_kotiblari.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=381)

Muallif: Anvar Namozov
Hajmi:146 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=381)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=3677.30)
Nom: Re: Azal kotiblari (qissa). Anvar Namozov
Yuborildi: Robiya 04 Fevral 2010, 14:23:22
Анвар НАМОЗОВ

АЗАЛ
КОТИБЛАРИ


Қисса


“Yoshlik”журнали
2008


Бойсун, умуман Сурхон ҳақида бизнинг болалик йиллари билганимиз, Амир Олимхон Бухородан қочиб кетаётиб, бу ерда маълум муддат тўхтаган. Халқ Олимхондан бирон ёруғлик кўрмаган бўлса-да, уни ҳурмат билан қаршилаган.  Кейин, бироз ўкиниб,  бироз паришонланиб, унинг ортидан қараб қолган... Ўшанда аллакимлар ёзган китоблардан биз бу ердаги гўзал тоғлар, улар этагидаги ялангликлар, қумликларда муттасил ўқ қарсиллаб, ҳаммаёқни "босмачи эгаллагани"ни ўқиганмиз.. Пайти келиб, узоқ сукут сақлаган ва ниҳоят, ўз фарзандлари қўлига  қалам олган Сурхон "тилга кирди". Сурхон ҳаётига "бошқача кўз билан" қараган дастлабки адиб раҳматли Шукур Холмирзаев эди. Шукур аканинг кетидан Менгзиё Сафаров, Зойир Мамажонов, Файзулла Қилич,  Эркин Аъзам, Усмон Азим, Жамила Эргашева, Нодир Норматлар майдонга чиқишди.  Тоғай Мурод ўзига хос шоирона наср билан танилди. Бу кун жараённи тугал ўрганиб, бемалол "Сурхон адиблари" деган китоб тузиш мумкин.
Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қисса муаллифи эл таниган адибларимиз изидан келаётган ижодкор. Ҳаётни зийрак кузата олади. Ҳаётдаги муаммоларни анча чуқур билади. Мен Анваржон билан кўп сўзлашиб юриб, унинг адабий саводи яхшилигига ҳам қаноат ҳосил қилганман.  Биргина ўкинчим, менга Анвар Намозов ўз имконияти даражасидан камроқ "тер тўкаётган"дек туюлади. Шу боисдан, унинг бу қиссасини кўриб чиқиб, суюндим.
Анваржонга машаққатли адабиёт йўлида омад тилайман.

Омон МУХТОР,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби


 
1

Холиёр устига чойшаб ёпилган оёқларини қимирлатди. Теп-текис солинган чойшаб тагида улар каравотнинг нариги учигача қимирлаши керак эди-ку... Энди оёқларининг, тўғрироғи, оёғининг панжалари бешта, товони битта. Энди ҳатто тиззаси ҳам битта. Оёғи эса бир яримта, ундан ҳам камроқ.
Энди у чопиб-чопиб, сакраб-сакраб юролмайди. Бундан сўнг бир жуфт пойабзал олмаса ҳам бўлар. Чордона қуриб ўтиролмайди, оёқларини олифталарча чалиштириб ҳам... Тўйларда ўртоқлари билан ҳеч қачон рақсга тушолмайди... Холиёр фақат қисиниб-қимтиниб юради. Бировдан камдай! Камдай эмас, кам...
"Ногиронман. Бир умрга ногирон! Ногирон ва бадбахт! Ҳаётим ўзгаради. Барча одамларнинг менга муносабати, қарашлари ҳам бошқача бўлади. Қандай яшайман? Ёшлигимнинг завқи кетди. Талаба бўлиб ўқиш ҳам йўқ. Иш топилса  —  ногиронбопи керак! Алимов, "келажагингиз порлоқ", деганди. Шуми айтгани ёки "башорати"нинг ярмими бу? Менда келажакнинг ўзи йўқ.
Нега бундай бўлди? Дунёдан армон билан ўтаманми? Атрофимдаги одамларни, тўғрироғи, уларнинг оёқларини кўрганимда, ярам тирналавермайдими? Тавба, энди қандай яшайман, қандай?"
Холиёр ич-ичидан йиғлар эди, ичидаги ноласи отилиб юзага чиқди: ўкириб юборди:
 — Нима кераги бор яшашнинг? Бирданига ўлмайманми!
Ҳамхоналаридан бири дарров палатадан чиқиб кетди. Қолган уч киши индамай, сўзлашга ботинолмай эшик томон қараб-қараб қўйишарди. Маҳмуд амаки деган кекса киши тасалли бермоқчи эди, овози титраб чиқди:
 — Бола-ам...
 — Йўқ, бобожон, қандай яшайин? Оёқсиз... Бобожон, айтинг. Бундан кўра ўлган яхши эди-ку! Ўйлаб кўринглар, мен нима қилишим керак? Ахир...
Палата эшиги шахт билан очилиб, икки-уч ҳамшира билан врач Равшанов кириб келди.

* * *
Бола  —  йигит деса ҳам бўлади  —  қизга тикилди. Унинг қошига тегай-тегай деб турган, пешонасини тўсиб турган сочларига термилди. Қиз кўзларини ердан узмай, пастки лабини тишлади. Қошларидаги ўсма унга ярашмаган. Уялибми кулган эди, икки чаккасида кичкина кулгичлари пайдо бўлди.
 — Ҳа?  —  деди у бошини кўтариб, ниҳоят йигитга саволомуз қараркан.
 — Йўқ, ўзим.
Йигитнинг сочи орқага таралган. Қалин қошлари остидаги ўткир кўзлари кўпинча бир нуқтага қадалиб қолади. Қимтинган лаблари устидаги мурутчаси тим қора. Юзидаги ҳусунбузарлар бўртиб-бўртиб чиққан, ҳартугул оз улар. Қизнинг сезишича, йигитнинг кайфияти йўқ эди.
Ҳа, Холиёр бугун Норгулга нимадир дейиши керак. Лекин айтолмаяпти. Болалигидан шу: бир гапни айтолмай ўзича маврид кутади. Ҳозир ҳам гоҳ ерга қарайди, гоҳ қизга. Шу бугун айтолмай қолмасайдим, деб қўрқади.
 — Нимани ўйлаяпсиз?  —  деб сўради Норгул.  —  Бугун чарчадингизми ишдан? Ҳой, акажон, хафасиз, шекилли?  —  қиз эркаланган бўлди.
 — Йўқ, ўзим.
Норгулни бугун Холиёр ишхонасига таклиф қилган эди. Ҳамма ходимлар кетди, фақат Холиёр қолди. Фаррош хола касал. Директор калитни Холиёрга бериб қайта-қайта тайинлади. Холиёрнинг ярим соатлардан кейин уйига қайтишига ишонди.
Қоронғи тушгач эса айтилган вақтда Норгул келди. Холиёр дарров катта эшикни ичкаридан қулфлаб, қизни хонасига олиб кирди.
Норгул курсига чўккан ҳолда пальтосининг тугмаларини ечиб қўйган, елкасига тушган рўмолининг учини кўрсаткич бармоғига ўраб-ўрамай эрмак қилиб ўтирар эди.
 — Уйдагиларга нима дедингиз?
 — Уйдагиларнинг иши йўқ, дугонамнинг туғилган куни, дедим,  —  жавоб қилди қиз.
Ташқарида ёмғир бошланди. Шитир-шитир овоз эшитилади.
Холиёр ўрнидан туриб, Норгулнинг ёнига ўтди. Қўлларини қизнинг елкасига ташлаган эди, қиз қарамай, уларни ушлади.
Бу биринчи марта эмас. Холиёр илк бор шу қиздан бўса олган. Қизиқ, шу қизни ўпган!.. Дарвоқе, Холиёр шунинг учун чақирганмиди? Муддао бошқа эди-ку!
Холиёр аста қўлини бўшатди-да, айланиб ўтиб, Норгулнинг қаршисига чўкди. Эҳтимол, Норгул, бу хатти-ҳаракатлардан чўчигандир?
 — Туринг, нега... бундай? Туринг.
Йигит қизга қаттиқ тикилиб, қўлларини унинг тиззасига қўйди. Холиёрнинг назарида, қиз ўзини жўрттага сескангандек тутди.
"Кутяпти", деб ўйлади Холиёр.
Энди Норгул кўзларини юмиб олди.
Кутилмаганда Холиёр ўрнидан турди. Стол устидаги шарфини бўйнига ўраб, телпагини бошига қўндирди:
 — Кетдикми?  —  деди у киноя билан.
Қиз ҳайрон:
 — Қаёққа?  —  деб сўради.
 — Уй-уйимизга, қаерга бўларди?!  —  Холиёр Норгулнинг жаҳли чиқишини истарди. У гапини таввакалига бошламоқчи бўлди.
 — Нима учун чақирдингиз бу ерга?
 — Бир гапни сизга айтиш учун!
 — Айтинг-да!
Холиёр ерга қараб сўзлай бошлади:
 — Биласизми, мен илгари... енгилтак қизлар борлигига ишонмасдим. Сира! Лекин, қарангки, адашган эканман. Чет элларда борлигини-ку, яқинда билдим. Биздаям бор экан,  —  Холиёр қолган сўзларни айтишга қийналди.  —  Бундай... Илтимос, энди бас қилайлик! Гап қўшманг.
Орага сукут чўкди. Азбаройи хижолат бўлган Холиёрнинг юзи дув этиб қизариб кетди.
 — Ихтиёрингиз,  —  деди Норгул ўрнидан туриб.
Бу гапдан Холиёр ҳайрон қолди:
 — Сиз... мен билан юриб-юриб ташлаб кетди, деманг.
Қиз пича ўйланиб турди. Кейин... кейин индамай чиқди-кетди! Катта эшик шарақ-шуруқлаб очилганидан сўнг оёқ товуши тинди...
Холиёр қанча ўтирганини билмайди.
Хонасининг чироғини ўчириб чиқди. Эшикларни қулфлади. Осмонга бир қараб олди. Ёмғир қор билан алмашибди. Кумуш учқунлар ўйнаб-ўйнаб тушаётганидан йигит қандайдир завқ туйди.
Атрофни қор кўмаётган бўлса-да, асфальт йўлда эриб кетяпти. Тунги чироқлар нури остида бу кўчада биргина у кетиб бормоқда. Ўтган йили ўқишдан йиқилиб қайтган, бугун эса ҳамма сўзларини бўлмаса-да, озроғини айтиб олган, ҳозир ана шу ҳақида ўй сураётган эди!
Тавба, Норгулга насиҳатлар бермоқчи эди. Ҳаммаси ичида қолди. Ҳар сафарги, камида икки-уч соат кечадиган учрашувлари бугун Холиёрнинг "ташаббуси" билан тезгина тугади. Узил-кесил тугади!
Аммо Холиёр бугунгиси бошқача йўл билан якун топишини кутганди. "Гап қўшманг" эмиш! Уф-ф, кўп ишлари битишга битади-ю фақат Холиёр кутган натижа билан эмас-да!
Холиёрнинг бир одати бор: баъзан ҳеч кутилмаганда қилиқлари, кишини ҳайратга солувчи сўзлари, ҳаракатлари билан бутун ишни бажаради-қўяди. Шундай пайтда ёки гапини гапираётганида ўзиям шу қилиғидан ҳайрон қолади. Бу ҳеч бир режасиз, дабдурустдан амалга ошади.
Мактабни битириш арафаси эди. Ўшанда майда-чуйда нарсаларга ҳам депсинаверган экан. Бобосининг уйида ниманингдир устида момоси билан тортишиб қолди. Иккалалари ҳам бир-биридан қолишмади. Момоси "онангга ўхшаган жанжалкашсан", дегани ёмон таъсир қилди. Холиёр ноҳақлигини билсаям ичидагини айтиб юборди.
 — Йўқол,  —  деди момоси,  —  иккинчи келсанг, оёғингни уриб синдираман.
 — Йўқолсам йўқоламан,  —  Холиёр зинадан енгилгина тушиб, дарвоза томон йўл олди. Бирдан ҳалиги "одати" қўзиб, ортига қайтди-да, момосининг олдига келди:  —  Ҳеч қаёққа йўқолмайман, кучингиз етса, ҳайдаб чиқаринг!
Момоси ҳайрон бўлиш-бўлмаслигини ҳам билмай, ичкарига кириб кетди. Буларнинг даҳанаки ғавғосига индамай томошабин бўлиб турган аммаси оғзини ёпиб кулиб юборса бўладими!..
Бугун эса шу қилиғи қўл келмай қолди. Холиёр бу қилиғидан баъзан хурсанд бўлса, баъзан жиғибийрони чиқади. Бугун шундай бўлди.
Ўзи аслида Норгул билан қандай танишган? Буниси яхши эсида йўқ. Маҳмуда таништирган эди, шекилли? Биринчи куниёқ Холиёрни ҳайратга солгани Норгулнинг гапдонлиги-ю, суйкалиши бўлди. Кейин-кейин кино, кечки учрашувлар  —  ҳаммаси икки ой ичида ўтибди-кетибди. Норгул сал гапга аразлайдиган, камгап  —  гўё энди Холиёр уни... хотин қилиб олади. Бу орада Холиёр қиз ҳақида анча гап-сўзларни эшитди. Аммо юракдан чиқариб ташлаш осон дейсизми! Соғинч. Кутиш. Эҳтирослар... Кўзи кўр, қулоғи кар муҳаббат!
Ҳаммаси, ана, икки ой ичида ҳал бўлди. Энди худди аввалгидай ҳаёт кечиради, жи-и-мгина ишлаб юради.
Норгул эса... бир ҳафта ўтмай унга рўпара бўлди.
Тушликдан вақтли қайтган Холиёр плакат қоғозга катта қилиб алланима ёзаётган эди. Бошқа ходимлар ҳали ишга қайтмаган, корхона жимжит. Холиёр бечора овози чиқса, ёзаётгани бузиладигандек, сас чиқармай ишлар эди.
Хона эшигининг сўроқсиз, бехос очилиши уни чўчитиб юборди.
 — Бир гапим бор,  —  деди Норгул жиддий оҳангда.
Холиёр ишидан бош кўтармай сўради:
 — Қандай гап экан?
Норгул индамай тураверди. Эҳтимол, у Холиёрнинг "ўтиринг" дейишини кутаётгандир?
 — Нима гап?  —  яна сўради Холиёр Норгулга бир қараб олиб.
Кейин билдирмай қизга зимдан разм солди.
Норгул иззат-нафсонияти топталган кўйда ғалати қаради. Оғзи бир тарафга қийшайиб кетгандай туюлди. Йиғламоқчи, шекилли?
Даҳшатли жимлик чўкди. Холиёрнинг қўлларига титроқ кирди. Нима дейишини билмайди. Уришиб ташлай деса, тили калимага келмайди, аммо... тасаллиям беролмайди. Уни саросималикдан қизнинг ўзи халос этди. Норгул бир оз турди-да, индамай чиқиб кетди.
Холиёр курсига ўзини ташлаб, хўрсинди. Шу он юраги бирам дукиллаяптики... Норгулга ачинди  —  ўзидан нафратланди. Қизиқ, ё виждони бир нима дедими? Ажаб, шунча вақт юриб, Норгулнинг мағрурлигини билмаган экан. Ялиниш у ёқда турсин, йиғламадиям, қойил!
Холиёр анча вақтгача изтиробга тушиб ўтирди.

2

Бугун ундан камроқ одам хабар олди. Бугун шанба ёки якшанба эмас-да!
Аммаси кетгач, ҳар кунгидек онаси ҳам келиб кетди  —  отаси туш пайтида хабар олармиш. Кейин опаси Холида келди. Илгари нега хабар олмаганлигини билади. Қўрқади  —  бу барча қизлардаги хусусият. Ахир уканг шу алфозда ётса-ю, сен унга қандай рўбарў бўласан? Табиийки, опаси бошқа нарсани баҳона қилди:
 — Ишхонамизни ревизия босган. Нуқул қоғоз титкилаш, қандайдир ҳужжатларни ахтариб топишни буюришади. Ўзинг биласан, бозор кунлари қизларнинг иши кўп бўлади. Мана бугун амаллаб қочиб келяпман.
 — Уйдагилар қалай?  —  деб сўради Холиёр.
Холида сўзлаётганида, Холиёр бир нарсага ҳайрон бўлди. Қизиқ, опаси онасига ўхшаркан, илгарилари эътибор бермабди. Опасининг баъзи фазилатлари ҳам онасиникига ўхшаш. Меҳрибонлиги, меҳмоннавозлиги, жанжалкашлиги...
Ҳар куни эрталаб Холида Холиёрдан илгари ишга отланарди. Ҳеч қачон ойна олдида ўзини тартибга солишни унутмасди. Отаси ёки онасидан пул сўраб олса, тушликка келмасди. Ишдан баъзан вақтида, баъзан кечроқ қайтар, тунги соат ўнга бормай пинакка кетарди. Баъзида эса ёзув машинкасини кўтариб келиб, кечаси алламаҳалгача "чиқ-чиқ"латиб чиқарди. У Холиёрдан тўрт ёш катта.
 — Жамшид телефонда сени сўраган эди, Термизга кетган, дедим,  —  сўзлади Холида.  —  Қандай алдага¬нимни ўзим ҳам билмай қолибман, бошқа нимаям дердим?
 — Ҳа, билмагани яхши  —  деб қўйди Холиёр.
Жамшид билан у мактабда ўқиб юрган вақтлариданоқ қалин дўст эди. Ўнинчи синфни битирганларидан кейин Жамшид, бир йил ишлаб, шароитни яхшилаб, янаги йили бораман, дея ўқишга ҳам кетолмади. Холиёр ўқишдан йиқилиб келгунича, кейин ҳам нонвойхонада ишлаб келяпти. Бу бола кейинги пайтларда Холиёрдан сал узоқлашган. Ора-сирада фақат телефон билан дардлашиб турадилар.
Опаси кетгач, Холиёр қўлларини бошининг орқасига қилиб, отасининг нажоткор хабарини эслади. Ростмикан ўша гапи? Ҳалиги одам икки оёғи ясама бўлсаям, соппа-соғдай сакраб-сакраб юрганмиш, ҳатто машинасини ҳайдаётганмиш. Айниқса, ўзининг тўйида роса ўйнабди...
Холиёр анчагача шу алфозда ўй суриб ётди. Сўнг каравоти ёнидаги қўлтиқтаёқни олди. Палатада ундан бошқа Рустам исмли сап-сариқ йигит бўлиб, ёнбошлаб қайсидир журналга кўз тикиб ётарди.
Холиёр унга бир қараб қўйгач, қўлтиқтаёққа тиралиб ўрнидан турди.
 — Ҳа?  —  деб сўради Рустам журналдан бош кўтариб.
 — Йўқ, ўзим.
Холиёр шошилмай деразага яқинлашди. Пастга қаради. Ана, мўйловли киши билагигача дока билан ўралган ўғлини етаклаб келяпти, ўтиргичларда эса беморлар куз офтобининг нуридан баҳра олишяпти. У ёқдан-бу ёққа ўтаётган кишиларга назар ташлаб қўйишади. Нимани ўйлашаётган экан? Ҳамма ўз хаёли, ташвиши билан.
Холиёр деразадан узоқлашиб, каравотига чўкди. Қўлтиқтаёқларини тўмбага секин суяб қўйди. Рустамга қаради  —  қизиқиб ниманидир ўқияпти. Кейин ўрнига чўзилиб, яна қўлларини бошининг орқасига олди. Шифтдаги доғга қаради: одамнинг тасвирига ўхшайди, худди ён тарафдан қараб тургандай. Теп-текис шифтда бу кўланка қандай пайдо бўлган, қизиқ! Дарров кўзга ташланмайди, эътиборли нигоҳ билан пайқаш мумкин. Палатадагилардан ҳеч бири пайқамаган, шу ўринга ётиб тикилсагина кўз тушади. Ўртада эса лампочка осилиб турибди. Кеч бўлгач, у ёқилади, Холиёр қачон ўчирилишини ҳам билади. Палата осмонда ой бўлмаса, зим-зиё, аксинча пайтлар, бошқа каравотларни ҳам, девор, эшикни ҳам кўз илғай олади. Залдан баъзан қадам товушлари, тиббий анжомларнинг шиқирлаши, эшикларнинг кўнгилни ғаш қиладиган ғижирлашлари эшитилади. Ҳамширалардан бирови палаталардан хабар олади. Дори-дармонга-ку, димоққа уравергач, ўрганиб ҳам кетаркансан.
Холиёр маза қилиб керишаётган Рустамга қаради. У журнални ёстиққа қўйгач, шиппагини оёғига илиб, ўрнидан турди.
 — Бир айланиб келай  —  деди у кулиб.
Эшик оҳиста очилиб-ёпилди.

* * *
Бу ерда нима учун ётибди? Яна қачонгача сақлашади? Шунча бошоғриқ етмадими? Агар бу ерда бўлмаганида ҳозир нималар билан шуғулланарди? Алимов билан баҳслашиб, гурунглашиб ўтирармиди?
 — Маданият институтига боришингиз керак эди,  —  дерди Алимов куюнчаклик билан.  —  Сал шошибсиз-да! Ҳалиям кеч эмас, маданият институтига борсангиз, кирдим, деяверинг. Бир марта чалиб берсангиз, ҳеч нарса сўрамай қабул қилишади.
Холиёр кулиб қўяди.
 — Тавба, ўзингиз ўрганганингизга ишонгим келмайди,  —  давом этади Алимов нималарнидир қоғозга ёзиб.  —  Билмадим, камтарлик қиласизми ё ўзингизга ишонмайсизми?!. Энди, насиб бўлса, тўғри Тошкентга бораверинг. Ўзимиз йўлланма берамиз.
Икковлон қолиб, баъзан ишхонада тушлик қилишарди. Умуман, анча иноқ эдилар.
Алимов шифохонага икки бор келиб кетди. Биринчи келганида, бошқалардай насиҳат қилди, кўнглини кўтарди. Иккинчи марта олма кўтариб келиб, ўзи ҳам маза қилиб еди. Ишхонадан, ўзидан гапирди. Директорни ғийбат қилиб, ўринбосарлигидан пушаймонлигини айтди.
Алимов жуссаси кичик одам, кўзлари кишига маъноли боқади. Ўзига эътиборсиз. Директор унга кўйлагининг тугмасини қадашини ёки соқоли ўсиб кетганлигини айтса, хижолат тортади-ю, кейин ўзича минғирлайди. Гап эшитмаслик учунми, бир-икки ҳафта ўзини тартибга ҳам солиб юради-ю, яна...
Холиёр ишга қабул қилингач, Алимов уни табриклаган эди:
 — Республикадаги дипломингиз кор қилди. Ўзиям зўридан экан-да! Энди икковимиз бўлиб би-ир ишларканмиз-да! Тўгарагингиз зўр. Ўқувчининг сарасидан танлаб олинг. Ўзингиздан ҳам зўр қилиб тайёрлашга ҳаракат қилинг.
 — Албатта-да!  —  жавоб берди Холиёр.
Бошқа ходимлар Холиёрга келиб-кетишга ишлаёт¬гандек туюлди. Бир-бири билан гапи қовушмайди ҳам.
Мансур ака  —  дутор дарсидан машғулот ўтади, ўзи ориқ, камсуқум. Ориф ака чангдан, ҳамма фамилияси билан айтиб чақирадиган Нарзиев ярим штат пианино ва ярим штат рубобдан, Зокир ака доирадан, Ўктам исмли истараси иссиқ йигит ғижжакдан дарс ўтади. Яна бир хола бор  —  фаррош бўлиб ишлайди.
Худди бу ташкилот янги тузилгандай ҳаммаси фақат ўз иши билан банд. Холиёрга дастлаб шундай туюлди.
Ишни бошлаганидан бир ҳафталар кейин директор Холиёрни чақиртирди.
Холиёр курсига омонатгина чўкди. Сирти ялтироқ стол устидаги қоғозларга кўз ташлади. Кейин жойлашиброқ ўтириб, ўнг қўлини столга суяди. Савол назари билан Абдураҳимовга боқди.
 — Хўш, ишлар дурустми?  —  сўради директор бўйинбоғини тўғрилаб.  —  Анча ўрганиб қолдингизми?
 — Ҳа, ўргандим,  —  Холиёр тортиниброқ жавоб берди.
 — Дипломни қачон олган эдингиз?
 — Тўққизинчи синфда ўқиётганимда.
 — Ўқувчиларни йиққан бўлсангиз, ишни бошланг, Холиёржон. Сизга маданият уйидагиларни ишонтирдим. Шундай қилингки, шогирдларингиз тез ўрганадиган бўлсин. Қандай ёрдам керак бўлса, тортинмай сўрайверинг.
Холиёр уни тинглаб ўтирди. Директорнинг билими чуқур экан, чет эл мусиқачиларидан, тарихий воқеалардан мароқланиб гапирди. Яхши гапирди, суҳбатдошини ўзига жалб қила оларкан.
Абдураҳимовнинг сочларига кўпчиликнинг ҳаваси келади. Ҳар доим бир ёнга, силлиқ таралган. Қалин, қора қошлари остидаги мунгли кўзлар одамга хотиржам боқади. Кўйлаги, бўйинбоғи, костюми ҳам озода.
"Сира жаҳли чиқмаса керак", деб ўйлади Холиёр.
Абдураҳимов Холиёрни хонасидан кузатиб чиқарар экан, эҳтиёт юзасиданми ёки ҳазиллашибми сўради:
 — Тўй-пўйгаям чиқасизми?
 — Йўғ-е,  —  кулди Холиёр.
"Яхши одам экан,  —  ўйлади у Абдураҳимов ҳузуридан чиқар экан.  —  Сен кичик, сен катта демайди. Ҳамма билан бир хил муносабатда бўлади. Тушунадиган одам".
Холиёр хонасига кирганида, Алимов шу ерда эди. Ўтган йили бу хона афғон рубоби ўқитувчисининг кабинети бўлган экан, ҳозир у бошқа шаҳарга кўчиб кетган.
Алимов Холиёрга найни тутқазди.
 — Қани, бир оғирроғидан чалинг-чи!
Холиёр хонасининг уёқ-буёғини тартибга келтирмоқчи эди. Аммо ҳозир ҳеч нима деёлмади. Малол келаётган бўлса-да, кулимсираб Алимовдан найни олди.
Бир оз тозалаган бўлиб, лабига яқин олиб борди.
Хона узра майин куй таралди. Алимов иягини олдинга чўзиб, кўзлари ярим юмуқ ҳолда куйни мароқланиб тинглади. Холиёрнинг қўллари най тешикчалари узра оҳиста қимирлар, ҳузурбахш садо кишини аллалар эди. Лекин Холиёр хазин най оҳанги оғушида юриб бораётгандек ҳолатдан ҳар гал ўзини минг йиллик дард-ҳасратга чўмгандек ҳам сезар, машҳур бир ғазал ёдига тушар эди:
"Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар..."
Бу ғазалнинг маъносига у кўп ҳам тушунавермас эди. Ёш, бедард эканлигидан энг оғир куйдан ҳам енгиллик излар ва топарди. Куй унинг хаёлларини аллақаёқларга олиб қочарди. Ойдин кечада ёлғиз ўтирибсиз. Майин эсаётган енгил шабададан энтикасиз. Ётиб осмонга тикиласиз: беҳисоб юлдузлар чақнаб туради. Ғуборли тўлин ой кўзингизга ғалати кўринади. Муаллақ тургани чиндан ҳам ғаройиб. Кўзингизни юмсангиз, дарахт баргларининг оҳиста шитирлашини эшитасиз. Овоз бир зум тинади, майин шабадада яна шитирлайди. Кўзларингизни очиб, юлдузларга тикиласиз. Бири сўник, бошқаси ёрқин ёғду сочяпти. Беихтиёр булбул хонишини эшитиб қоласиз. Айтишларича, булбул ухлаб қолмай, атиргулнинг очилишини кўрай деб кечаси билан сайраб чиқар экан. Лекин атиргулнинг очилиши арафасида, тонг чоғи ухлаб қолар эмиш...
Холиёр куйни тугатди.
 — Яшанг,  —  деди Алимов...

* * *
Холиёрнинг ишлари дуруст кетди. Анча ўқувчи йиғилди. Кўпчилигини ота-онаси, боболари олиб келишар эди. Бундан тўрт-беш кунлар илгари туман газетасида Абдураҳимовнинг "Марҳамат" номли мақоласи чоп этилиб, жумладан, унда янги тўгарак очилгани, ўқувчилар энди най санъатини ҳам ўрганиши ҳақида айтилган эди.
Болаларини етаклаб келган ота-оналар Холиёрнинг ёшига қараб ҳайратланар, баъзи бировлар унга найни чалдириб кўрарди. Алимов уларга Холиёрни мақтайди ва ўз вақтида тўловларни тўлашни тайинлайди.
Абдураҳимов қаёқдандир ўнтача най топиб келди. Ўқувчилар кундалик дафтар тутиши, унда баҳолар вақтида қўйилиб бориши керак экан. Холиёр буни эшитиб, ноқулай аҳволга тушди. Ахир кечагина ўзи ўқувчи бўлган, кундалигига баҳо қўйдирган. Энди эса у баҳо қўярмиш.
"Энди сен ишлашинг керак,  —  деди бир куни хонасига кираркан ҳаяжонланиб.  —  Қанчадан-қанча одам сенга ишонди. Шундай қилиш лозимки, улар рози бўлсин".
Ўқувчилар билан яқин бўлиш учун анча-мунча ҳаракат керак. Уларни қизиқтириш талаб қилинади. Тоҳир деган бола бор. Сен мусиқа ўргатаверсанг, нигоҳи деразада бўлади. Уни бобоси олиб келган эди. Эҳтимол ҳали ёшлиги учун ўзида қизиқиш уйғотолмас. Найчилик педагогикани ҳам ўрганишга олиб келди.
Қайсидир бир йиғилишда уни редколлегия аъзоси этиб сайлашди. Шундай вақтда ҳар қандай ўсмир ғалати аҳволга тушади. Ўзини катта одамлар қаторига қўшилгандай ҳис этади. Аслидаям шундай-да! Ичида, албатта, бу ишончни оқлайман, деб ўйлайди.
Қизиқ, шу пайтгача эътибор бермаганмикан? Кўча-кўйда кичик болалар уни кўрса, салом беради, катталарнинг кўпи "сиз"лаб муомала қилади.
 — Сизлар иккинчи мактаб остонасига қадам қўйяпсизлар. Бу  —  ҳаёт мактаби,  —  деган эди Холиёрнинг мактабни битириши арафасида илмий бўлим мудири Худоёров.  —  Бу катта мактаб. Шунча вақт мактабимиз бағрида ўқиб улғайдиларинг, энди тарқаласизлар. Ҳали ҳаёт сизларга ҳаётлигини кўрсатади. Ҳаёт ҳақида, яшаш ҳақида теранроқ ўйлайдиган бўласизлар. Сизлар эса, энг муҳими, оддий қилиб айтганда яхши одам бўлинглар. Ҳаётда ҳеч қачон қоқилманглар.
Синфдошлар тарқалиб ҳам кетди. Ҳаёт уларни ҳар тарафга сочиб юборди. Ўн бир киши институт, билим юртларига ўқишга кирди. Қолганлар... юрибди!
Холиёр синфдош қизлардан Замирани бошқалардан кўпроқ учратади. У бу тарафга қараб юради, Замира бошқа тарафга. Иккаласи ҳам индамасдан ўтиб кетади, олтинчи синфда юзкўрмас бўлиб уришишган эди.
Рустам билан Қурбонга ҳозирдан ҳарбий қоғоз чиқибди. Ҳаёт шу экан.

3

Отаси узоқ ўтирмади. Бошидан дўпписини олиб, сочини орқага тузатиб, маслаҳат берди, мадад сўзлар айтди.
Ҳар гал билагидаги эски соатига қараб қўяди. Ўғлининг бошини силайди. Кўзини ҳар нуқтага тикиб, "кўрдингми", дегандай сўзини маъқуллаб қўяди.
Отаси кетганидан кейин Холиёр ўзини анча енгил сезди.
Оталар ҳар хил бўлади-ю, вазифаси бир хил. Ўтган икки воқеадан кейингина Холиёр отаси ҳақида кўпроқ ўйлай бошлади.
Ўшанда қиш тонги эди. Холиёрнинг уйқуси ўчиб, кўзини очганида, хонанинг нимқоронғилигига ҳайрон бўлиб, ёстиқдан бошини кўтарди. Стол устидаги лампа ёруғида отаси ниманидир хафсала билан ёзиб ўтирибди. Устида уйда киядиган эски тўн, қунишиб олган. Холиёрга отаси шунчалик афтодаҳол кўриндики, ғалати бўлиб кетди.
 — Дада, ҳа?  —  деди беихтиёр.
Отаси  ўгирилиб унга қаради:
 — Ухла, ўғлим. Конспект ёзяпман.
Ўша субҳидам унутилмас бўлиб қолган.
Баҳор куни эди. Холиёр ишдан қайтиб, ҳовлига кирди. Қараса, отаси ер ағдаряпти. Таажжублиси, шундоққина айвонда онаси, укалари чой ичиб ўтиришар, ниманидир гапириб, кулгини авжига чиқаришарди.
Қизиқ, аввалдан шундай эди, шекилли? Ота қаттиқ гапирмайди. Тур, ишла, демайди, койимайди. Ҳаёт, яшаш деб ўзи ҳаракат қилади. Боз устига бирор марта "уф" тортган эмас. Мўмин-қобил ота; мўмин, қобил ўқитувчи; мўмин-қобил одам.
Онасини унчалик ҳам мўмин-қобил деб бўлмайди. Бу оиланинг фарзандлари отадан эмас, онадан кўпроқ кўрқади. Онасининг бўйнидаги доимий мунчоқ унинг шаддодлигини "безаб" тургандай. Маҳалладагиларнинг кўпчилиги бу аёлдан ҳайиқади. Холиёр болалигида мактабдан йиғлаб қайтса, онаси дарров мактабга бориб ўғлини йиғлатган ўқитувчи ёки ўқувчининг додини бериб қайтган.
Бир куни кечки пайт ҳовлига укаси Алиёр йиғлаб кирди. Уст-боши чанг, юзи тирналган. Ошхонадан онаси чиқди.
 — Ҳа, ким урди?
 — Нурали,  —  деди Алиёр кўз ёшини тўхтата олмай.
 — Йиғлама, мен кўрай қани ўша зўравонни!
Холиёр онасини тўхтатмоқчи бўлди:
 — Она, қўйинг, ёш-да!
Дарвоза табақаси ташқаридан ёпилди. Қолгани нима бўлиши маълум: онаси ҳалиги болани уради, кейин ота-онасининг ҳузурига олиб боради. Уларнинг ҳам кайфияти бузилади. "Ноқобил" фарзандни унинг кўз олдида уришади ҳам. Аммо ёмони шуки, баъзилар фарзандларини аяб катта жанжал бошлаб юборадилар.
Холиёр ўқувчисининг уйига борганида, иш юзасидан унинг отаси билан анча гаплашди. Кетар чоғида ҳалиги киши сўраб қолди:
 — Сизни ҳеч танимадим-да! Кимлардансиз?
Холиёр отасининг номини айтган эди, у киши танимади, онаси ҳақида гапирганди, эр-хотин мийиғида кулиб қўйишди. Холиёр анчагина кўнгли ғаш бўлиб юрди. Кўп сўзларни онасига айтишга юзи чидамас эди.
Дарвоза очилиб, онаси кирди. Холиёр унинг чимирилган қошлари остидаги ўткир кўзларига қараб, секин сўзлади:
 — Нима кераги бор, она? Жанжалсиз ҳам ҳал этиш мумкин-ку!
 — Сенга нима?  —  онасининг шашти тушмаган шекилли, ўшқирди.  —  Укам борми, йўқми демайсан?!
Холиёрнинг ўрнида Холида бўлганида, ҳозир ўт олиб кетарди. Холиёр индамади.
Онаси эса хўрсиниб олдига келди:
 — Нима қилай, ўғлим, боламсизлар-да! Сизлар учун жон куйдирмасам...
Холиёр индамади. Нигоҳини ерга олди...

* * *
Она бояқиш ҳар куни хабар олади. Ўғлининг қўлини кафтлари орасида тутиб, дадил гапиришга ҳаракат қилади.
Холиёрнинг бу ерга дастлабки келган кунлари эди. Оёғини кесиб ташлашгач, Холиёр гўё жинни бўлиб қолаёзди. Қўлларини каравотга боғлашга мажбур бўлишди. Ҳамма далда беради, врач Равшанов койийди. Онаси эса Холиёрдек йиғлайди:
 — Ўғилгинам, ахир фарзандимсан. Наҳот менга раҳминг келмаса, наҳот мени ўйламасанг?!. Ўзимни ўлдираман, дебсан. Бу нима деганинг? Менинг қон-қон йиғлашимни истайсанми, укаларингни-чи? Бу нимаси? Эшитган одам нима дейди? Наҳот шу қийналиш бўлса? Шу азобнинг олдида енгилсанг? Унақада мени тамом қиласан-ку!
Ростдан ҳам шу ишга қўл урганида, нима бўларди? Йиғи-сиғи, қариндош-уруғ. Отаси, онаси... Эшитганлар... Кейин вилоят ёки марказий газетада шу ҳақда мақола чиқса, уни иродасизликда айблашарди. Демак...

* * *
Бугун Жамшид келди. Нафас олишга юраги дов бермагандай бир оз қотиб қолди. Ўпкаси тўлиб, дўстига яқинлашди.
Иккаласининг ҳам кўзи ёшга тўлди.
 — Ўтир,  —  деди Холиёр оғир хўрсиниб. Зўрға гапирар эди.
Жамшид каравот ёнидаги курсига ўрнашди. Тилига гап келмади чоғи, қўлидагига ишора қилди:
 — Қаерга қўйсам бўлади?
Холиёр тўмба томон имо қилди. Жамшид тўмбани очди. Ичида бўш ўрин йўқ экан, тўмба устига қўйди. Оғзини очолмагани учунми, палатага разм солди.
Хонада бошқа ҳеч ким йўқ, каравотдаги ўринларнинг айримлари йиғиштирилмаган, бир каравот устида эскироқ костюм ётарди.
 — Ишларинг кетяптими?  —  сўради Холиёр гап очиш учун.
 — Яхши. Шу, олдингидай.
Жамшиднинг нигоҳи Холиёр ўралиб ётган чойшаб узра сузар экан, дарров кўзини бошқа ерга олди. У нимадир демоқчи эди.
 — Жўражон,  —  астойдил гапирди Жамшид.  —  Қара, хонада ҳеч ким қолмапти. Улар ташқарида айланиб юришибди. Сен ҳам чиқ. Нима қиласан бу ерда сиқилиб? Айлан, кўнглинг ёзилади.
 — Бу ерга келганлар фақат маслаҳат беришади,  —  деди Холиёр ҳаммасига Жамшид айбдордек заҳарханда билан.
Жамшид нима дейишини билмай қолди. Тезгина Холиёрга қараб оларкан, ўтирган ўрнидан сал қўзғалиб қўйди.
 — Сенга битта китоб олиб келдим,  —  деди у бир оз сукутдан сўнг.  —  Зерикиб ётгунча бир ўқиб чиқ. Эсингдами, Худоёров, "китоб  —  бизнинг дўстимиз", дер эди.  —  Жамшиднинг юзида енгил табассум пайдо бўлди.  —  Сен ўқийвер, мен олиб келавераман. Амакимнинг томи устида яхши китоблар бор экан.
Холиёр кулиб қўйди. Кейин самимият билан Жамшидга қаради. Ўзига астойдил сўзлаётган дўстига ҳазил қилди:
 — Майли, сен етказиб берсанг бўлди. Фақат чарчаб қоласан-да!
 — Қизиқсан-а, нима, мен қари бобойми чарчаб? Қанақа китоб керак? Шеърга ўхшайдиганими ёки романга ўхшаганими, нимадир дейди-ку, ўшами?
Холиёр яна кулиб қўйди. Ҳозир у енгил тортган эди.
 — Болалардан хат оляпсанми?  —  сўради у.
 — Олиб турибман, кам. Ўзим ёзишга эринаман-да! Лекин бир ўтириб ёзсам, уч-тўртта хат ёзаман... Ҳайронман, нима учун менга "повестка" чиқмаяпти? Амаким, "шароити тўғри келмайди" деган, шекилли.
Худди шу пайт палата эшиги очилди. Хонага елкасига оқ халат ташлаган кексароқ киши кирди. Кира солиб Холиёрга кўзи тушар экан, ташвишли бир оҳангда у томон юрди:
 — Холиёржон, яхшимисиз, соппа-соғ бўлиб кетдингизми? Ҳеч қийналмаяпсизми? Бу ерда яхши қарашаяптими?
Холиёр ҳайрон эди. Бу киши Холиёрлар ўқиган мактабнинг кекса ўқитувчиларидан. Лекин бирор марта буларга дарс ўтмаган.
 — Ўтиринг, муаллим,  —  Жамшид туриб курсини унга яқинроқ сурди.
 — Сомса, қовурилган гўшт олиб келгандим,  —  деди у қўлидаги қоғозга ўралган нарсаларни Жамшидга тутиб.
Жамшид уларни дераза токчасига қўйди.
Холиёр ўзини қай аҳволда тутишни билмас, бу кимсанинг  нима мақсадда келганига тушунолмай, хижолат чекиб, Жамшиддек таажжубда эди.
 — Холиёржон, анча озиб кетибсиз,  —  деди у.  —  Кўп ўйлайверманг-да! Одам ҳар қандай қийинчиликка дуч келади, енгиш керак. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, бу кунлар, умуман, эсингиздан чиқиб кетади. Олдин кўзларингиз қандай эди-я, шундоқ порлаб турарди, тўғрими?  —  у Жамшидга қараб олди.  —  Энди бўлса... Ўзингиз соғ-саломат бўлсангиз бўлди, энг муҳими, саломатлик.
Жамшид қўшни каравотга ўтириб, кўзини бир нуқтага тикиб, унинг сўзларини маъқуллаяпти.
 — Мен ҳам бугун эшитиб қолиб, қаттиқ ачиндим,  —  давом этди Омонов.  —  Лекин киши ҳадеб ўйлайвергани билан ҳеч иш чиқмайди. Иложи борича буёғини яхшилашга ҳаракат қилиш керак. Энг муҳими, яна айтаман, саломатлик! Бугун, ўзи, ҳозир дарсим бор эди, битта ўқитувчига топшириб келяпман. Холиёржон, агар бирор нарса керак бўлса, айтаверинглар, сизларга ёрдам қилмасак, кимга ёрдам берамиз? Бир-иккита собиқ ўқувчиларим яхши, ёғли жойда ишлашади. Аҳаджонни танийсиз-а, аптекада ишлайдиган, ўшанга ҳозир учрадим. Айтдимки, агар дори-пори керак бўлиб қолса, топиб берасан, дедим. "Хўп, маълим", деди. Яхши бола ўзиям.
Холиёр бу гап-сўзлар асносида Омоновнинг ҳар замонда унинг оёғи томонга қараб қўяётганини сезмаганга олди.
Омонов негадир рўзғор, бола-чақадан сўзлаб кетди. Хотинининг касаллиги-ю, тўққиз боласининг ҳали гўдаклигини, эртадан-кечгача шу бола-чақа деб ишлашини, яшаши ночорлигини, ҳатто "Худо кўрсатмасин, ўлиб қолса, ким оиласига қарашини, уларнинг хор бўлиши"ни ҳам айтиб ўтди. Омонов хонага Рустам кириб келганини ҳам сезмади.
Холиёр унинг нимадир демоқчи бўлиб гапни айлантираётганини сезди. Лекин қандай мақсадда келган  —  таажжуб! Отаси билан касбдош бўлиши билан бирга, улар бошқа-бошқа мактабда ишлашади, бир-бирларини танимайдилар. Бир оз қаттиққўл бу домла қандай қилиб Холиёрни эслаб қолди экан?
Омонов кетар чоғида Холиёрнинг қўлини беозор сиқди. Хийла жим қолди-ю, бир нимани эслагандек юзи бошқача тус олди, кўзлари жавдираб кетди.
 — Хўп, Холиёржон мен борай, келиб тураман,  —  дея астагина чиқиб кетди.
Палата жимжит бўлиб қолди.
 — Ким бу?  —  сўради Рустам.
 — Мактабимиздан, ўқитувчи.
 — Обрў катта-ку!
Холиёр индамади. Увишиб қолган чап қўлини ўнг қўли билан ишқалай бошлади.
Жамшид ўрнидан турди. Ғижимланган шимини тўғрилади. Сўнг Холиёрга қаради:
 — Жўражон, энди менга жавоб берсанг. "Дарров келаман", дегандим. Иш-да!
 — Кетасанми?  —  Холиёр оҳиста гапирди.  —  Келиб тур, раҳмат...
 — Сен ҳам кўп ўйлаб ётавермай дадил бўл. Бўпти, хайр.
Жамшид ҳам кетди.
Холиёр тўмба устига қўл чўзиб, газетага ўралган китобни олди. Газетани очаркан, муқовасидаги кўпчиликка таниш ёзувга кўзи тушди: "Чин инсон қиссаси".
Ҳафсаласи пир бўлгандек, китобни яна газетага ўраб, жойига қўйди.
Бироздан кейин Рустамга сал тескари ўтириб, устидаги чойшабини очди. Шимининг почасини кўтариб, оёғига тикилди, кейин бунисига. Тўмтоқ қилиб тикилган чандиқлар кўнглини беҳузур қилди. Ўзиям оёғи кир бўлиб кетибди, фақат спирт билан артилган жойлари тоза...
Холиёр шу ҳолда анча ўтирди. Бошқа ҳамхоналари киргач, шимининг почасини тушириб, чойшабни ёпди...
Кечга яқин эса яна бир кутилмаган воқеа бўлди. Шўх ҳамшира қўлидаги бежиримгина қилиб боғланган тугунда нимадир кўтариб, тўғри Холиёрнинг қаршисига келди:
 — Бирам чиройли қизки, бирам гўзалки, ҳавасим келиб кетди. "Мана шуни ўз қўлига бериб қўйинг, опажон", деди. Ўзи киришга уялди. Шунча киши, қандай кирсин? Мана, марҳамат!
Холиёр тугунни қандай олди, билмайди. Ҳали Омонов ҳақидаги жумбоқ ечилмасдан туриб, энди бунисими?
Маҳмуд амаки кулиб деди:
 — Алдамаяпсизми? Холиёрни уялтирманг-да!
 — Ишонмаяпсизларми, деразадан қараб туринглар, ўтиб кетади. Келинг, ўзим кўрсатаман.
Рустам ҳам, Маҳмуд амаки ҳам, бошқалар ҳам деразага ёпирилишди.
Холиёр эса ноқулай бўлгани учун жойидан жилмади. Унинг лабида ўз-ўзидан табассум пайдо бўлаётган эди.
 — Ана-ана,  —  деди ҳамшира.  —  Ҳозир бу тарафга қараса керак. Ана, қаради!
 — Уялиб кетди-ку!  —  деди Рустам.
 — Ибий,   шунча одам қараяпти-ю уялмайдими? Энди шошилишини қаранг, ҳой қочманг, келинпошша! Буёқда куёв чимилдиқни ўйлаяптилар-ку!
Ҳамма кулиб юборди...

* * *
Холиёр нима учун дўкондан бир қути сигарета олди, бу ҳақда ўйлагани йўқ. Аслида кеча оқшом Алимовнинг телефон орқали шипшиб айтган гапини эшитганидан буён таъби тирриқ эди. Ишга кечикиб келгани етмагандай, ўқувчиларга ҳам жавоб бериб юборди. Кейин у ер-бу ерни қараб гугурт топди. Эрмак қилиб сигаретни ёндирди-ю, гугуртни чўнтагига солди. Кейин тутатган сигаретини чекди. Оғзидан паға-паға тутун чиқариб чекаверди.
Шу пайт эшик очилиб, директор бош суқди. Курсида ёйилиб олифталарча оёғини чалиштириб ўтирган Холиёрга кўзи тушди. Ҳайратланиб хонанинг шифтларига кўз югуртирди:
 — Бу нима тутун?
Холиёр бепарво жавоб берди:
 — Эшикни ёпинг, халақит берманг. Ёпинг энди, илтимос!
Директор эшикни тарақлатиб ёпиб кетар экан, нималар дегани эшитилмай қолди.
Холиёр тўнғиллаб қўйди:
 — Э, шу ишинггаям!..
Директор-да, ўзича! Кеча Холиёр йўқлигида уни мажлисда ёмонлабди. Кошки ўзи бир ишни дўндираётган бўлса! "Ишни ташлаб қўйган", дебди. Мард бўлсанг, олдимда гапир!
 — Тағин ундан ўрнак олмоқчи бўлибман-а! Нимасидан? Фаррош хола билан гап-сўз бўлганиданми?.. Олсанг, ишингни оласан, жонимни эмас. Хотининг йиғлаб келганида мени учратиб қолиб, арзу ҳол қилганини ҳали ҳеч кимга айтганим йўқ...
Анчадан кейин эшик тақиллаб, бир ўқувчи илжайиб кирди. Холиёр индамай қараб турди. Ўқувчи секин салом бериб, ён тарафларга аланглай бошлади.
 — Боравер, бугун жавоб,  —  Холиёр унга қовоғини уйиб қаради.
Ўқувчи чиқиб кетди. Холиёр уни ёмон кўради. "Катта бўлсанг, хушомадгўй бўласан", дейди. У бўлса илжайиб тураверади. Ҳозир эшик тақиллайди, кейин очилади. Агар таққилламай очилса, Алимов кириб келади. Шу одам ҳам жонга тегди-да!..
Эшик оҳиста тақиллади.
 — Киринг!
Ҳеч ким очмади-ю, бир оздан сўнг яна тақиллади.
Холиёр эриниб бориб, эшикни очди.
Очди-ю, ҳушини йиғиб олди. Қаршисида салгина тортиниб Норгул турарди.
 — Кечирасиз, салом.
 — Салом,  —  Холиёр нима деярини билмай, ҳам ҳайратланиб, ҳам тундлигидан хижолат тортиб қолди.
 — Сизга бир иш билан келувдим,  —  Норгулнинг чеҳрасида табассум ўйнади.  —  Сизни, яхши чизади, деб эшитдим. Ёрдам қиласизми?
Холиёр шундагина унинг қўлидаги плакат ва қаламларга қаради.
 — Синглимга мактабдан берворишибди. "Мен чизолмайман", десам ҳам кўнмайди. Мажбур бўлиб олдингизга келдим.
 — Ҳа, ҳалиги... нимани чизиш керак?
 — Ўртасига қорбобо, қорқиз билан. Кейин арча, қуёнми-айиқми, бирорта ҳайвон. Плакатнинг остига  —  узунасига байрам табриги!  —  Норгул яна жилмайди.  —  Қийин эмасми, ишқилиб?
 — Қийин эмас-у, кейин сизга ёқадими?
 — Ёқади. Маҳмуда сизни зўр чизади, деди-ку!
Ён тарафдаги хона эшиги очилиб, Алимов чиқди-ю, буларга кўзи тушди. Кейин бироз гарангсираб туриб, яна хонасига қайтиб кирди.
 — Байрамгача вақт кўп, қачон тайёр бўлсин?  —  сўради Холиёр.
 — Қачон вақт топсангиз, чизасиз-да! Кейин Маҳмудага айтсангиз, келиб, олиб кетаман.
 — Яхши.
 — Раҳмат. Бўпти, мен борай.
 — Кетасизми?  —  Холиёр нима дейишини билмай айтгани шу бўлди.
Кейин Норгулни эшиккача кузатиб бориб, орқасидан қараб қолди.
Хонасига қайтиб кираркан, қўлидаги плакат ва қаламларни стол устига қўйди. Кейин жойига ўтиб ўтириб, хаёл суриб кетди. Қизиқ, ўзи келди-я? Биринчи марта шундай якка ўзи билан юзма-юз гаплашди. Маҳмудадан бериб юборсаям бўларди-ку!..
Холиёр кулимсиради: кўнгли бор.
Бу қизни Холиёр ўз кўчасида Маҳмуда билан кўрган. Негадир ёқиб қолди. Маҳмудадан суриштирди. Ўзи билан бир-икки марта кўришди.
"Хонага таклиф қилишинг мумкин эди-ку, одамгарчилик юзасидан!" Холиёрнинг калласига бу фикр бирданига келиб қолди...
Кейинчалик Норгул бу хонага тез-тез таклиф этиладиган бўлди.

* * *
Юлдузли оқшом. Атрофда лой совуқдан қотиб қолган.
 — Совуқда бекор чиқдик-да!  —  деди Холиёр сал норозиланиб.
 — Уйда зерикиб кетдим,  —  оҳиста деди Норгул.  —  Иссиқроқ кийинмабсиз-да?! Совқотяпсиз-а?
 — Йўғ-э,  —  Холиёр хижолатли кулди. Аслида оёғи панжалари яхлар, баданининг титроғини билинтирмасликка уринарди.
 — Нимани ўйлаяпсиз?  —  аста-аста юриб боришаркан сўради Норгул.
 — Нимани десам экан, ҳозир ўйлай-чи! Ҳа... тўғрисини айтайми?
 — Тўғрисини-да!
 — Тўғрисини айтсам, иссиққина печкадан бошқасини ўйлай олмаяпман,  —  Холиёр кулиб юборди.
 — Мен, мени ўйлаяпсизми, дебман  —  Норгул гина қилгандай бўлди.  —  Совқотяпсиз, десам, "йўқ" дейсиз?
Холиёр гапни бурмоқчи бўлди:
 — Айтгандай, ишхонамиздаги Алимов янги машина олган эди. Бугун иккаламиз айландик. Янги деб бирам секин ҳайдайди-ей, нафасим қисилиб кетди. Одамлар пиёда юриб ўтиб кетяпти. "Тезроқ ҳайданг", десам, "жимгина ўтиринг, бўлмаса машинадан тушириб қолдираман", дейди. Ўзиям машина олиш учун роса қарзга ботди-да!
 — Алимов ёмон одам бўлса керак,  —  деди Норгул.
Холиёр ҳайрон бўлди:
 — Нега?
 — Билмасам, менга кўзи тушса, қовоғини уйиб олади, ичида нимадир деб сўккандай бўлади.
 — Ўзи шунақа одам,  —  деб қўйди Холиёр.
Аслида Алимов бунақа эмас. Унга Норгул ёқмайди, холос. "Хафа бўлманг-у, безбет қизларни ёқтирмайман", дейди.
 — Норгул, сиз ўз тақдирингизни ўзгартиришингиз мумкинми?
Норгул тўхтади:
 — Нима, тақдирим сизга ёқмайдими?
 — Йўқ, сиз тушунмадингиз. Масалан, мен ишга бораман-келаман. Яна, яна бораман-келаман. Бир хил ишлайвераман. Жонга тегмаслиги учун тақдирга бўйсуниш керакми ёки керак эмасми? Масалан, тақдиримни ўзгартиришим мумкинку-а?
 — Келажакда зўр олим чиқади сиздан  —  ҳазиллашди Норгул.  —  Ҳеч кимдан эшитмаган гапларимни айтяпсиз. Қийин саволлар берасиз, жавоб беролмай қоламан. Ўзингиз айтгандай, мактабни ташлаганман-ку!
Холиёр совуқда елкаларини қисиб, қунишиб борар экан, шу гапини эслаб қўйди.
 — Бу уй кимники?  —  дея сўради Норгул бир уйнинг орқасидаги кўчадан ўтишар экан.
Холиёр чап ёнига қаради:
 — Бир тракторчи бор, ўшаники.
Холиёр шу тобда уйга тезроқ боргиси келар, совуқ уни янада исканжага олган эди. Ростдан ҳам иссиққина кийиниб олмабди-я!
Ҳозирги учрашувни Норгул белгилади. Ҳатто, шунча узоқ уйларидан Холиёрларнинг кўчасига келибди. Шу топда кўрмаса бўлмасмиш! Холиёр учрашувдан хурсанд бўлса ҳам, ҳозир...
Икковлон аста-секин юриб, ҳамон суҳбат қуриб боришар эди.
 — Сиз илгари бирор йигитни яхши кўрганмисиз?  —  деб сўради Холиёр.
 — Йўқ,  —  ҳозиржавоблик қилди Норгул.
 — Қиз йигитни яхши кўриши мумкинми, йигит яхши кўрмасаям?
 — Билмадим,  —  деди Норгул.  —  Бўлиши мумкин.
Холиёр ҳозир бир воқеани эслаган эди. Ҳозир шуни ичида сақлолмаслигини ҳис этди.
 — Мени бир синфдошим яхши кўрарди,  —  деди у сўзларини ёлғон деб ўйласин, деган мақсад билан атайин бошқача оҳангда.  —  О, яхши кўришини билсангиз эди. Мен эса била туриб куйдирар эдим. Ёқтирмасдим-да! Умуман, ҳозиргача баъзан ҳайрон бўламан, нима десак бўлади, дунёда унақа севиш бўлмаса керак.
 — Ким экан-у?
Норгул ишонқирамай сўраган эди. Холиёр гапни ёлғон аралаш оҳангда бошлаб, бундан Норгулни хабардор қилгиси келмади. Лекин ичидаги кечинмаларини бирор ҳамсуҳбатига маълум қилмаса бўлмайди. Аммо энди индамади.
 — Ҳозир ҳам яхши кўрадими?  —  бу гал саволини бошқача тусда берди Норгул.
 — Эҳтимол.
 — Бечора қизга раҳмингиз келмаяптими? Агар... Агар ҳозир ҳам яхши кўриб кўрсин-чи, дабдаласини чиқараман,  —  дағдаға қилди Норгул.
Холиёр икки қизнинг ўзини деб олишувини кўз олдига келтираркан, кулиб қўйди. Ичида эса беихтиёр: "аллақачон мени ўзингники қилиб олибсан-ку!" деб ўйлади.
Бироз юришгач, осмонга қараб қиздан сўради:
 — Норгул, сиз бирорта юлдуз танлаганмисиз?
Норгул бир оздан кейин кулиб, "ҳа" деди.
 — Қайси бири?
 — Ҳозир ёнимда юраётгани-да!
Яна кулдилар.
Норгул Холиёрнинг кўзига жудаям бошқача кўриниб кетди. Унга самимият билан тикилди. Қоронғуда юзи аниқ кўринмаса-да, кўзлари порлаб турибди.
Холиёрнинг оёғи остида юпқа муз қисирлади  —  яхлаган бир кўлмакни босиб олибди. "Ҳеч қайси севишганлар шундай вақтда учрашмасалар керак", деб ўйлади у кулимсираб.
Яқин орадан бир эшак ғалати узуқ-узуқ ҳанграган эди, яна кулиб юборишди.
 — Эртага қуёш чарақлайди, кўрасиз,  —  деди Холиёр қувонч билан.  —  Юлдузларни қаранг.
 — Қани эди!
 — Эрталаб ишга бориб, олдин найимни маза қилиб чаламан, кайфиятни зўр қиламан,  —  деб Холиёр қўшиб қўйди.  —  Тушликда сих кабоб еймиз.
 — Ҳо, мақтанчоқ, сизлар кабоб есаларинг, бизлар ундан ҳам зўр нарса еймиз.
 — Нима ейсизлар?
 — Айтмайман, айтсам, бориб еб қўясиз.
 — Биламан.
 — Хўш, нима?
 — Айтсам, бориб еб қўясиз,  —  кулиб юборди Холиёр.
Йўлда каттароқ кўлмак учради, уни айланиб ўтдилар. Норгул кичикроқ бир тошни ердан "узиб" олиб, кўлмакка отди. Кенг ёйилган муз қатламининг ўртаси тешик бўлиб қолди.
 — Муқбил тошотар экансиз-ку!
 — Ким, ким?
 — Эртакдаги қаҳрамонни эшитганмисиз?
 — Йўқ.
 — Ўқимай кетгандан кейин шу-да!  —  кесатди Холиёр ногоҳ.
Холиёр Норгулнинг ўқимаганидан баъзан ғашланарди. Шунинг учун Норгулга эслатиб қўяверади. Норгул буни билса ҳам ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлар, аммо Холиёр ҳазил гаплари биланоқ устун келарди.
Норгул яшайдиган маҳаллага етиб келишди. Шунча йўлни аста-секин, пиёда юриб келганларини кўз олдига келтириб, Холиёр ўзига қойил қолди. Чўнтагидан қўлини чиқариб, нафаси билан уларни иситди.
У Норгулни шу ерда кузатади. Бир зум бошқа нарсаларни унутади. Қизнинг кўзларига тикилади, қошларига боқади. Шундай лаҳзаларда уни севишини, дил сўзларини айтмоқчи бўлади-ю, негадир айтолмайди. Қандайдир юксак сўзлар! Бу сўзларни кўзлари орқали ифодаламоқчидай, қизнинг кўзларига ташналик билан тикилади.
Норгул ерга қараб сўзланди:
 — Эртага чиқоласизми?
 — Ҳа, энди астойдил таклиф қилсалар, бир илож қилармиз...
Лекин Норгул Холиёрнинг сўзини эшитмай, тезда чап тарафига қаради. Сесканиб кетиб, Холиёрнинг орқасига ўтди. Атрофни мунгли бир нидо қоплаб олган эди.
Холиёрнинг кўз ўнгида чарсиллаб, ловиллаб нажотсиз мушук ёнар эди. Аланга ичидаги жонивор уларнинг ёнидан югуриб ўтолмай, жойида питирлай бошлади.
Холиёр бунақа даҳшатни кўрмаган эди, бадани жимирлаб кетди.
Мушук бор ҳаракати билан типирчилар, овози аста-секин сўниб борарди. Кучли аланга ёруғида унинг тирноқ, панжалари, кўзлари аниқ кўриниб кетди.
Норгул Холиёрнинг орқасида туриб, йиғлар, нуқул "кетайлик-кетайлик", дерди. Холиёр эса қотиб қолган, мушукка ёрдам беролмаслигига ҳам қаноат ҳосил қилган. Жониворнинг этлари ёниб, кўмирга айланган суякларигача кўриниб кетди. Ҳаракатлари сусайиб, овози пихиллаб қолди. Айниқса тумшуғининг олдини панжалари билан узоқ силади, тирноқларини ишга солиб тирнади. Ух, кўзларининг гавҳари ҳам оқди, шекилли!
Холиёр бор кучини тўплаб, оловдан узоқлашишга ҳаракат қилди. Норгул тўхтамай йиғлар, бу эса Холиёрни баттар эзарди. Бир оз юрдилар.
 — Шўрлик ҳайвон!  —  Холиёр тишларини ғижирлатди.
 — Одамлар нега шундай-а?  —  деди Норгул зўрға нафас олиб.
 — Одамлар қилмагандир?  —  Холиёр ҳайрон бўлди.
Норгул бир оздан кейин жавоб берди:
 — Одамлар қилади-да!
Холиёр хўрсиниб қўйди...
Кейинчалик Норгулдан эшитди. Бир-бирига бахил икки қўшни. Гузар кишиларининг тахминича, улар ўша куни роса уришишибди. Натижада бири аламини рақибининг мушугидан олибди. Мушук қўшнисиники бўлиб, сомонхонада болалаган экан. "Ёндирганимдан кейин тўғри сомонхонага боради", деб ўйлаб, қўшнисини хонавайрон қилмоқчи бўлибди...
Одамлар нега шундай-а?

4

Бугун Холиёр ҳамхоналарининг, "пастга тушиб айланайлик", деган таклифига розилик билдиргандек бўлди-ю, кейин рад этди. Пастдаги одамлар кўрмасликка олсаям, барибир хижолат тортади. Хонада Маҳмуд амаки билан анча гурунглашиб ўтирдилар.
 — Бугун дадангиз бир гапни айтиб қўйинг дегандилар,  —  ғудранди Маҳмуд амаки гап орасида.  —  Сизга илгари бир айтган эканлар. "Ўзим айтолмайман", дедилар. Нима десам бўлади, ҳалиги, сизга бир нима келган экан.
Холиёр ёдига тушгандек сўради:
 — Қачон кепти?
 — Бир ҳафта олдин, дедилар, шекилли,  —  Маҳмуд амаки гапни буриш учунми, сукут сақламай сўзлай бошлади:  —  Отангиз жуда яхши одам-да! Олдиларида гурунглашиб ўтирсам, дейман. Яхши-яхши гаплардан айтадилар.
Холиёр дераза тарафга тикилиб ўтириб, у кишининг сўзини тинглади. Деразанинг очиқ даричасидан нам ҳавонинг ҳиди келарди. Кечаси ёмғир ёғибди. Камроқ ёғган бўлса-да, дарахт барларидаги нам ҳали ҳам кетмай, япроқларни чиройли кўрсатиб турибди. Холиёрларнинг уйида авваллари бир гул бўларди. Отаси уни ошхонада авайлаб ўстирарди. Ёмғир ёғса, шу гулнинг баргларидан томчилаб сув томарди. Отаси, "кўрдингми, йиғлаяпти", дерди хўрсиниб.
Ҳозир шуларни эслаб, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Эсиз, ўша давр, болалик! Энг ажойиб давр. Ғам-ташвишинг ҳам, аламли кунларинг ҳам бўлмайди. Биров хафа қилган тақдирдаям биттагина йиғлаб чиқариб юборасан. Катта бўлавердингми, ҳаммаси бошланаверади.
Холиёр отасининг ўша гул олдидаги суҳбатини аниқ эслар, болалигини энтикиб қўмсар эди...
Ҳарқалай ҳозир тетик. Ўтган куни Рустам ойна тутиб турди, у соқолини олди. Ўзиям роса ўсган экан. Кейин Рустам билан кулишиб, хонада қувишмачоқ ўйнашди, иккаласи деразани очиб, пастдаги ўтиб-кетиб юрган қизларга гап отди.
Бугун бўлса Холиёр илк марта йўлакка чиқди, фақат пастга тушмади.
Кундан-кунга китобларда ёзилганидек, "руҳи тетиклашиб боряпти".
Тунов кунги нотаниш қиз яна келиб кетибди. Ким экан у? Ҳамшира юзини эслаб қолиш учун бир оз гапга солибди, исмини сўраса, айтмасмиш. Холиёр Норгулнинг юз тузилишини айтган эди, у эмас экан. Ким бўлиши мумкин: "нозиккина, уятчан, қоракўз, қорақош қиз, бирам чиройли". Холиёр у қолдирган мактубни атайин очмади. Ҳозирча сирли бўла қолсин! Кейин ҳафсаланг пир бўлгунча шуниси маъқул!
Ким бўлсаям, шунчаки келаётгандир-да кўришга. Хаёл бошқа жойга тўзиб кетди. Ногирон кимса қайси бегонага керак? Лекин муҳими, отаси ясама оёқ олиб келибди. Уни кийиб, шимининг почасини тушириб қўйса, ким қараяпти?
Холиёрнинг кўнглидаги умид учқунлари уни бир оз бўлса-да хурсанд қиларди.
                                    * * *
Инсон дунёда аламли аҳволга тушмасин экан, яна ноҳақ енгилса, хўрланса. Қасд ёмон! Олдимда бўлса-ю, бўғиб ташласам, ўлдириб енгил тортсам, дейсан.
Алимов билан ишдан чиқиб кетаётган эди. Кичик йўлакда, қаршисидан қоп-қора бир йигит тўғри юриб келарди. Холиёр илгари ҳам уни бир-икки кўрган бўлса-да, танимасди. Ҳозир нимадир бўлишини кўнгли аниқ сезди, кўнгил сезар экан.
У тўғри келар экан, Холиёр ҳам бораверди. Нима, унга йўл бериши керакми? Ёши каттароқ бўлса экан. Шунда улар бир-бирига қаттиқ туртилиб ўтди.
 — Ўв, кўрмисан, тентак?  —  деган жарангли, хунук овоз бошқаларнинг диққатини ҳам жалб этди.
Холиёр индамай кетиши мумкин эмас эди, ҳеч қачон!
 — Ўзинг кўрмисан?!  —  деди бамайлихотир, аммо юзи бир оз қизарганини сезди.
Шунда бирданига қорнига тепки тушди, биринчи тепки! Мушт урмоқчи эди, Холиёр бошини четга олди. Бир-икки киши югуриб келиб, уларни дарров ажратди. Холиёр энди кетмоқчи эди, у одамлардан юлқиниб, орқасига, бошига мушт туширди. Ҳар қанча ор-номус бўлмасин, Холиёр гарданини ушлаб қолди.
 — Ўлдираман сен кўрни,  —  дерди рақиби юлқиниб.
Одамлар, милиция келмасидан тарқалинглар, дейишар, Алимов бўлса саросимада эди.
 — Ҳали кўришамиз,  —  деди Холиёр Алимовдан қўлини ажратиб олар экан.
Эртасига...
Холиёр у билан баб-баравар ёқалашди. Лекин Ўрол уни каттароқ тош билан уришини қайдан билсин! Қон оқиб кўзини юмяпти, боши зирқираб оғрияпти. Баданига муштлар ёғиляпти. Гурс, гурс!
Кейин қачон "ухлаб" қолганлигини билмайди. Лаблари тупроқ, қон, кийимлар афтодаҳол. Шу аҳволда уйига қандай боради?
Холиёрга алам қиларди: демак, Ўрол хуморидан чиққунича урган, тўйиб тепган, кейин бамайлихотир жўнаган. Бу ожиз инсон эса... Ишқилиб юз-кўзида бирор жароҳат изи қолмасин. Чап кўзи шишган шекилли, очиб бўлмаяпти, бунақа ачишмасди.
Холиёр шунчалик дард ва ғазабда эдики, рақибини ҳозир ўлдиришдан ҳам тоймасди.
Бу ерга қачон келишди ўзи? Ўралнинг ўзи бошлаб келди-я? Хўп, майли, эрта бор, индин бор.
...Холиёр Ўролни яна икки кундан кейин кўрди. Ҳозиргача ўйлайди: "наҳот қўрққан бўлсам?"
Йўқ, қўққисдан чиқиб қолгани учун чўчиди, холос.
Ўзи ҳам нақ муюлишда сакраб чиқса бўладими?
Унда... нега гапиролмади? Сўзлар шундай бўғзида қолаверди. У бўлса, "эртага сени шу ерда шу пайтда кутаман", дегач, ғойиб бўлди.
Эртасига келиб кутди, кутаверди. Қоронғу тушди. Келмаса бир умр бўлсаям кутарди. Шу ердан ҳеч гап бўлмасдан кетса, ўзини ҳақиқий қўрқоқ ҳисобларди. Унинг пойлаб турганини эса билмайди. Бир пайт орқа тарафдан нимадир шитир этди. Бурилиб қарашга улгурмай туриб...
Қайда қолдинг, адолат? Инсоф, сен қаердасан? Ҳозиргача алам қилади. Наҳот номардлик қилганлар енгаверадилар?!
 — Дадажон, мен унинг барибир исмини айтмайман, айтолмайман.
 — Тушун, Холиёр, у жазоланиши керак. Нимага мунча қийнайсан?  —  отаси "уҳ" тортади.
 — Болагинам, сенга нима бўлди? Тинчгина юрувдинг-ку! Ким шу мараз, айт, қўрқмагин! Бу ёқда милиция ҳам хуноб,  —  деб онаси йиғлайди.
 — Қўрқоқлик қилсам, айтардим,  —  Холиёр девор томонга ўгирилиб олади.
Ўшанда Холиёрга дунё тор кўриниб кетди. Худди кейинги ҳаёти тўхтаб қоладигандек, буёғини тасаввур ҳам қила олмасди. Қўни-қўшни билибди. "Фалончининг ўғлини бир бола калтаклабди"! Билишмайдики, Холиёр кутиб турганида, орқадан келиб таёқ билан урганини. Қай бирига тушунтирасан?
Қасд ёмон экан. Каллангда чарх уриб, ғазабингни қўзитади.
Холиёр "йўқ, йўқ" дея қичқирмоқчи бўлар, аммо ўзини босарди. У кўча-кўйда қандай юришини ўйларди. Бу башарасини қандай яшириб юради? Ичидаги жароҳат  —  номарддан интиқом ололмагани-чи?!
Шундан кейин Ўрол, умуман, кўринмай қолди. Холиёрнинг дилини кемирган алам олов бўлиб қолди...

* * *
Осмонни қоп-қора булут ўраган. Атрофни зулмат эгаллаб, осмоннинг ўзи пасайиб қолгандек кўринади.
Холиёр бугун илк дафъа пастга тушди. Шифохона ховлисида ҳеч ким кўринмас, ёмғир дарагини эшитиб, беморлар палаталарга кириб олган эди.
Баланд дарахтлар остидаги ўриндиқлар устига дамо-дам хазонлар ёғилиб, устини тўлдиряпти. Қуриб қолган япроқлар ёмғир ёғишини билиб қувонгандек, айланиб-айланиб ерга тушади.
"Ҳақиқатдан олтин куз,  —  ўйлади Холиёр негадир кулимсираб.  —  Бу сариқ япроқлар олтин фасл деб таърифлашга мажбур этади. Дарахтларнинг шивирлаши эса нимадир айтаётгандек. Ё япроқлар билан хайирлашаётганмикан? Ахир ҳадемай навбатдаги фасл келади. Унинг ҳам номи бор: кумуш қиш. "Кумуш" ҳам бежиз эмас. Табиат мўъжизаси!"
Холиёр бу шифохонада ётиб, хоҳлаб-хоҳламай ўтган кунларини кўз ўнгидан ўтказган эди.  Кўп  нарсани англаб олгандек бўлди.
"Қандай яшашим ўзимга боғлиқ. Тушкунликка банди бўлиб, азият чеккунча хотиржам хушчақчақ ҳаёт кечирса бўлади-ку!"
Бу ерга қандай тушганини ҳам эслайди. Кейинги пайтларда чап оёғи оғришини ундан бўлак ҳеч ким билмасди. Бир куни ишдан зўрға оқсаб келиб, ўзини тўшакка ташлади. Ётиб дам олмоқчи бўлди. Уй ичи салқин бўлса-да, уйқуси келмади. Онаси ҳам "бошим оғрияпти", деб  ётибди. Дадаси, опаси ишда, укалари кўчада ўйнаб юрибди.
Холиёр газеталарни варақлаб, ўқиб, ухлаб қолибди. Бир пайт уйғониб, қўрқиб кетди:
 — Она, она,  —  деди.
 — Ҳм-м,  —  онаси  инграб қўйди.
 — Она, оёғим оғрияпти. Қаранг, қаранг, шишиб  кетибди,  —  Холиёр ёш боладай дир-дир титрарди.
Онасининг кўзи тушиб, капалаги учди. У ёққа-бу ёкқа югуришди. Дадаси, момоси келди.
 — Қорасон бўлмасин тағин!  —  деди кампир.
Врачлар ҳам қўрқиб кетганидан сўнг Холиёр янада ваҳимага тушди...
Яқинда онаси шифокорлар билан гаплашган экан, "уч-тўрт йиллар олдин бошланган, яранинг усти битиб, ичи даволанмай, энди қўзғалган", дейишибди.
Онасининг нималар қилгани аниқ. Мактабга бориб, тўппа-тўғри Омоновга учрашган. "Сени прокурорга бераман, сен айбдорсан", деган. Мана, энди Омонов кичкинагина бўлиб ҳар куни келади, аммо мақсадини баён этолмайди.
Ўшанда домласи чиндан ҳам давр асоратими, қуллик нишонасими, нотўғри иш қилганди. "Пахтага чиққан ўлмайди, ҳеч бўлмаса тушгача юрасан, бу яра эртагача яхши бўлиб кетади", деди. Ростдан ҳам оёғидаги ўша яра битиб кетди...
Холиёр Омоновга ҳеч нима дея олмайди. Ўтган ишни эслашнинг нима ҳожати бор? Бир-бирини тинч қўйса бўлгани.
Бу ёғи эса... қанақа кўргиликлар бор экан?
Гангрена  —  оёқ ўлими! Бир инсоннинг ҳаётини шу қадар ўзгартириб  юборди-я!
Саодат, ҳа, бир вақтлар Холиёрни севиб қолган Саодат бугун Холиёрни йўқлаб қолган. Улар яқин орада юзма-юз келмаган бўлсалар-да, қиз ёзган мактуб ҳаммасини аён қилган эди. Айёр қиз, фотиҳа тўйи қайтганидан кейин яна Холиёрни йўқлаб қолдимикан? Вақтида Норгулга айтиб, бир қадар соғингани ана шу синфдоши эди. Ҳаётини ўшанга боғласинми? Йўқ-йўқ, кейин... бир умрлик азоб, таъна, маломатлар...
Дарвоқе, Норгул! Ишқилиб Холиёрнинг бугунги аҳволи ҳақида эшитмаган бўлсин! Қувонмасаям "уни муҳаббат кўр қилди", деб айтади...
Холиёрга ошна най садоси гоҳ-гоҳ хаёлида янграб, яна ўша неча юз йиллик ғазал ёдига тушаверади:
"... ушшоқ бахтин қора ёзмишлар"
Энди нима бўлади-а? Наҳот тақдир шу бўлса? Бу кўйга тушиш манглайига аввалдан ёзилган эдими? Наҳот, туриши, юриши, хатти-ҳаракатларини тақдири белгилаб қўйган? Наҳот, тақдирдан устун келиб бўлмаса? Йўқ, буёғига ўзи устунлик қилади. Яхши яшайди фақат!
Холиёр осмонга ғолибона боқди. Кейин аста ўрнидан турди.
Дарахтлардаги қолган хазонларни ёқимли шитирлатиб ёмғир ёға бошлаган эди...

* * *
Кимга тўй, кимга аза!..
 — Бу ҳафта мошин бозорига чиқаман,  —  деди Равшанов сомсани маза қилиб еркан.  —  "Жигули"ни алмаштирмасам бўлмайди... Тузугидан олайин-да менам.
 — Пулинг етмайди, жўра.
 — Ҳалигилар олиб келган қўйни сотдим. Бироз жамғармам бор. Яна етмаса қўшарсан?
Орага жимлик чўкди...
 — Бу ёмғир қачон тинади-я?  —  деди Зоҳиров ташқарига разм соларкан.  —  Менга қара, айтгандай, бояги бола нима бўлди? Чиқдими?
 — Йўқ, оёғининг тепа қисмиям чирияпти...  —  Равшанов иссиққина чойдан ҳўплаб, бароқ қошларини чимирганича ошнасига тиржайди:  —  Сен гапни бурма, айт, қанча қўшоласан?..