forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 08:59:26

Nom: Halima Xudoyberdiyeva. Saylanma
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 08:59:26
ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА

САЙЛАНМА

«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА КОНЦЕРНИ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ - 2000


Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva

(http://ziyouz.com/images/books/halima_xudoyberdiyeva1.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=422)

Muallif: Halima Xudoyberdiyeva
Hajmi: 1,69 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=422)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=3849.0)


ЖОНФИДОЛИК

Иймон — Нур демак. Кулли башарни соир мавжудотдан фарқлагувчи Нур. Одамни одам қилгувчи Нур. Ҳали ёруғ дунёда бирор Сўз устаси бу тушунчани унинг ўзидек сифатлаш қудратини касб этмади. Бу Нур ишқида валийлар ёқа йиртишди, шоирлар хома синдиришди. Ва ниҳоят бир шўрлик дедики, агар денгизлар сиёҳ, бутун дунёдаги дов-дарахтлар қалам ва осмон саҳифа бўлса-да буни, яъни Нурни таърифламоққа ожиздир. Ниҳоят, бутун дунё шуароси бунга иймон келтирдилар.
Шеърнинг муқаддаслиги шундаки, у Ватан ва Иймон тушунчалари билан ғоятда эгиздир. Шеър, мен айни Шарқ шеъриятини назарда тутяпман, шунинг учун муқаддаски, унинг бир вазни илоҳий, бир вазни инсонийдир; унинг бир сатри осмоний, бир сатри заминийдир. Бизнинг шеъримиз шунинг учун башарият назмининг гултожи ҳисобланади. Бу назм заминида ҳазрат Навоийдек зотларнинг улуғ бир шажарадек қад ростлашига, 6у назм заминида шоҳ ҳам, гадо ҳам шоир бўлишига, бу заминда валийлар ҳам байтлар ижод қилганига сира ажабланмаслик керак. Зеро, бу адабиёт илоҳийдир. Унинг пири комиллари бор. Унинг хокдек фақиру ҳақир муридлари бор.
Биз ана шундай адабиётнинг ворисларимиз. Биз шундай адабиётга соҳибмиз. Башарият карвонида сарбонлик мақомимиз бор, албатта.
Мен шеъриятимизда улкан мавқега эга бўлган истеъдодли шоирамиз Ҳалимахоним Худойбердиева ҳақида сўз юритмоққа жазм этдим.
Сўзимни Замон ва Иймон тушунчаларининг шеърият билан эгизлиги ҳақидаги жумладан бошладим. Бу бежиз эмас. Айни ана шу олий тушунчалар уммонлар қаъридаги садафлар
бамисоли шоирамиз шеърларининг замир-замирида пинҳондир.

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!

Шеъриятимизда Ватан мавзусида ёзилган шеърлар, одатда фахр-ифтихор ёхуд шир урён ҳамду саноларнинг бир қоп ҳидсиз алафларидан иборат бўлганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ватан, деганда ҳар қандай маддоҳни ҳам доғда қолдириб кетадиган шоирларимиз оз бўлмаса-да, аммо ҳайтовур бу табаррук мавзуда ўлмас асарлар ёзиб қолдирган пири комилларимиз бир талай. Юқорида шоиранинг «Даъват» шеъридан келтирилган тўрт қатор хотимавий банддаги Ватан бу ҳамиша хузур-ҳаловат қилиб яшаш мумкин бўлган алланечук гулзор эмас, балки керак бўлганда қонимизни ва жонимизни ҳам беришимиз жоиз бўлган бир азиз гўша, бир муқаддас қадамжо экани уқтирилмоқда. Дарвоқе, оламда қон ва жон баробарида илоҳийликка даъвогар ёхуд ҳаёт қадар муқаддасликка муносиб Ватандан бошқа нима бор?
Шу нуқтада яна бир муҳим жиҳатни таъкидлашни истардим: «Она Ватан» деб сифатланмиш ва киндик қонимиз тўкилган бу табаррук замин, жонфидо халқимиз, бетакрор табиатимиз, мардонавор ўғил-қизларимиз, бир сўз билан айтганда, мана шу Туркистонимиз, Туронимиз, айниқса Мустақиллигимиздан кейинги йилларда Ҳалимахоним шеърларида асосий мавзуга айланди. Шоирамиз Туркистон кенгликларида, Сайҳун ва Жайҳун ёқаларида неча минг йиллардан буён яшаб келаётган туркий элатлар, уларнинг муштарак тарихи, шонларга бурканган қаҳрамонона кечмиши ҳақида туркум шеърлар яратди. Бу шеърларда шоира фақат шуҳратманд тарихда кечган аждодларимизнинг ибратли ҳаётларини васф этибгина қолмай, бугунги авлодни ғолиб боболар изидан бориб, Ватанга садоқатли фарзанд бўлишга чақиради. Бу чақириқ донишманд файласуфнинг ўгити, қаҳрамон бобонинг насиҳати, ярадор сарбознинг битиги бўлмай, балки шу тупроқнинг ҳар заррасида энг аввало илоҳий бир меҳр ва муқаддасликни теран мушоҳада қилган, жону тани шу замин билан қоришиб кетган, ҳар барги, ҳар гиёҳи, ҳар бир боласининг жон толаларига жигарининг қон томирлари туташ Она — шоиранинг нидолари, фарёдларидир.

Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен,
Жаранг берсам қир-даласи уйғонар...
Болам, кимсан, ким бобонгнинг қотили,
Билармисан туркнинг тўқсон зотини?
Томиримдан чиққудайин отилиб
Найман онанинг ноласи уйғонар.

Тарих, агар унда ҳикмат ва маъно бўлмаса, бир валангор саройдир. Ҳазрат Навоий Тус вайроналари ҳақида битган қитъаларида бундай деганлар:

Авлиёуллоҳ мазори Тус вайрони аро
Кўптурур йўқ бок агар тавфида кўрса кимса ранж.

Мунчаким вайрона кездим, ганж бир ҳам йўқ эди,
Бўйла вайрон ким кўруптур анда мадфун бунча ганж.

Бутун Туркистон қаламравида, ҳазрат таъбири билан айтганда, Оллоҳ валийларининг мозору марқадлари жо-бажодир. Улар вайроналар ичидаги пинҳон ганжлар. Тавоф этаман, деб ҳар қанча азият чексангиз шу қадар қувватга тўласиз. Қалбингиз нурланади.
Куни-кеча Туркистон ҳам Тус вайроналари каби эмасмиди? Бутун олам сўфийларининг қадамжосига айланган Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг муҳташам мақбара ва масжидлари «ганж кўмилган қабристон» эди-ку.
Ҳа, тарих қаърларидан чиқиб келаётган аждодларимизнинг руҳи шарифлари бизни ҳамиша сергакликка, ҳушёрлик ва мардонаворликка чақиради.

Мусулмонмиз,
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин.
Бири-бирига пешвоз
Имкон тарафга юрсин...
Талотўп дунё ичра
Тўзим топмоқ истаган,
Минг ёлғонни оралаб
Бир чин топмоқ истаган,
Томирларида юрган
Сўзин топмоқ истаган,
Ўзин топмоқ истаган
Қуръон тарафга юрсин!
Мусулмонмиз,
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин!

Мана шу тарихдан олинадиган сабоқ. Ибрат шу. Шарафманд аждодлар ким эдилар? Бугун дунёга ғурур билан кириб келаётган Мустақил Ўзбекистон, унинг мардонавор халқи аллақандай пучмоқлардан чиқиб келган инсониятнинг янги гуруҳи эмас, балки узоқ тарихи давомида бир неча салтанатнинг тамал тошини қўйган халкдир. Бу ўша халқ. Бухорою Самарқандни олам узугидаги кўзга айлантирган, мусулмон оламига сабоқ берган алломаи киромонларни тарбиялаган, жаҳон маданияти, инсоният тараққиётининг бешиги бўлган Туркистон.
Эсимда бор. Ҳалима эндигина ижодга кириб келган йилларда адабиётнинг катта билимдони, муҳтарам, суюкли устозимиз «Ўзбек шоиралари» китобини нашр эттириб кўп савоб ишга қўл урган раҳматли Тўхтасин Жалолов Ҳалиманинг шеърлари хусусида «Туйғулар туғёни» сарлавҳали мақоласида шундай деган эдилар: «Ҳалима ўзбек аёл шеъриятида кутилмаган ҳодиса, унгача бу санъат кошонасида қандайдир сукунат, осудалик ҳукм суриб, кишини мудроқ босарди. Ҳалима бу даргоҳга бўрон бўлиб, сурон бўлиб кириб келди-да, тўлиқиб, ошиқиб, тошиқиб баланд пардаларда қўшиқ бошлади.

Мен шунчаки ўйлагим келмас,
Хаёл — шароб мисол қилсин сархуш, маст.
Мен шунчаки куйлагим келмас,
Овоз пардаларим чидаб берса бас.

Шу сатрлар билан бошланадиган мумтоз, шиддаткор шеър менга шоиранинг ижодий, ахлоқий, инсоний программаси бўлиб туюлди. Бу шеър тўлиғича олганда туйғуларнинг туғёни, жасоратнинг намойишидир.
Мен сизларни шу шеърнинг охирги байтларига эътибор қилишингизни истар эдим:

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим!

Ҳақиқатан ҳам шунчаки ёзмоқ — фақат шоирнинг эмас, адибнинг ҳам, олимнинг ҳам ўлимидир».
Бу мақола ёзилгандан буён 26 йил ўтди. Яқинда Ҳалима «Ўзбекистон овози» газетасида бир туркум янги шеърлар эълон қилди ва бу шеърлар орасида яна ўша бизнинг азалий қисматимиз — шоирлик хусусидаги шеърга кўзим тушди. Бу ерда мен ўша «Демакки, сен шоирсан...» шеърини тўлиқ ҳолда келтиршпни лозим топдим:

Нафақат
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям хайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг, тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!

Дарвоқе, ҳамон Турку Турон даштларини томири бақувват қадим халқимизнинг гўрдаги Яссавий пирим, ҳазрат Навоий, улуғ Бобур, улкан Бедил каби абад ўлмас фарзандларининг ҳайқириқлари тутиб ётмаяптими?!
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларидаги ватанпарварлик жонфидолик, мардонаворлик маъносига уйқаш. Шеър руҳи лаҳзада сизни забт этади. Эҳтиросларнинг гувлаб, тошиб келган оқими қаърига тортиб кетади. Сўзлар алланечук жонли-жисмли туйғуларнинг тиғиз сафидек, уларни ёриб ўтгудек куч-қудрат йўқ, беихтиёр сиз ҳам ана шу оқим қаърида қолганингизни ҳис қиласиз. Мана бу «Ватан байроғи» шеъридан айрим
сатрлар:

То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб.
Токи ғаним ватанхўрлар
Ололмасинлар суғириб.
Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.

Юқорида таъкидлаганимдек, жонфидолик Ҳалима Худойбердиева шеърларидаги асосий нуқталардан биридир. Бу энг олий мақсад йўлидаги фидойилик. Бу югурик замонда умрини ҳар нечук хору хазонга сочиб юрган, бораётган манзилини қандай ва қанақа эканини тасаввур ҳам қилолмайдиган, шунчаки ивирсиб юрган касу нокасларга хитоб қилаётган шоира дейди:

Аввал ичингда қил ибодатингни,
Аввал ичингда ёй шаҳд-қанотингни...
Ғам ема. Бир камдир, тўлдириб бўлмас,
Аввал ўз ичингга кир, кириб бўлмас.
Ички бургут кўклаб, ўзни урарми,
Ташқарида Сени ўлдириб бўлмас.

Одам боласи ўзининг бутун қисмати жараёнида бошидан кечирган кўргиликларини ўз қўли билан ясаган фожиавий бир «дурадгор» баайни, десак шоёни диққатдир. Ўзининг кимлигини англаб етмаган, ёруғ оламга нима учун келганини фаҳм этолмаган, шоира айтганидек, ўз ичидаги ибодатхонада «ибодат қилолмаган» кимсалар ҳар нечук нурдан кўзи қамашган, бироқ заррача бўлсин иймон нури билан борлиғи ёришмаган зотлар ҳақида ўз қисмати кулбасини фожиалар ёғочидан тиклаган дурадгор дегинг келади.
Ҳаёт муттасил курашдан иборат, деган маълум ва машҳур, қарийб ҳикматомуз гапга айланаётган қараш доимий ур-йиқит, ҳаййоҳув, ғавғо дегани эмас, албатта. Ҳаёт бу ҳар бир зотнинг ўз-ўзи, ўзининг жисмидаги ғайриодамий хуружлари билан кураши ва уни батамом бартараф этиши деган мазмунни ифода этади. Курашиш мумкин бўлса, аввало нафс билан, қабоҳат ва разолат билан мардларча курашиш жоиз. Ҳар нечук ҳолда, бошга қандай мушкулот тушмасин, эл-юрт, мамлакат тақдиридаги энг қалтис синовларда ҳам таҳликага берилмасдан бошни тик тутиб яшаш керак.

Ўтган қора кунлардан ҳали —
ҳануз карахтман.
Ҳар япроғи юракдай титраб
турган дарахтман.
Шу қолда ҳам олдинга ташлангувчи
Тик шаҳдман —
Болаларим,
қадни кўтаринг!

Ҳалима Худойбердиева кейинги пайтда бир туркум тўртликлар ёзди. Маълумки, адабиётимиз тарихида бу шеърий услубда ўз истеъдодини синаб кўрган шоирлар бармоқ билан санарли. Аммо айни шу шеърий йўл билангина адабиёт тарихидан мустаҳкам ўрин олган забардаст шоирларимиз бор. Менинг назаримда, шоиранинг бу йўналишдаги изланишлари унинг ижодий тафаккуридаги янги бир жиҳатларни кашф этгандек. Шоиранинг бутун ижоди асосидаги чуқур фикрчанлик, безовталик, кутилмаган ташбеҳларнинг мақсад билан гоятда уйғунлашуви унинг бу ихчам шеърий йўлда муваффақиятли изланишларига омил бўлган. Бу шеърларнинг бир жиҳати, яъни унинг либоси хусусидаги мулоҳазалар. Аммо ана шу либос ичидаги ботиний маъно ҳам зоҳирий кўриниш билан бағоят сингишиб кетган. Натижада мухтасар шеърий услубда гўзал сўз тасбиҳлари яралгандек:

Тенгсизга чопарлар, тенглига бормас,
Минг қўйлига борар, мунглига бормас.
Тўйига, уйига борар, во дариғ,
Ҳеч ким бир-бирининг кўнглига бормас.
Гарчанд ер юзининг кора-оқимиз,
Гарчанд ганж-гувала, томи, тоқимиз.
Гўзал дунёларга бошлар йўл асли,
Сизнинг билан маним иттифоқимиз.

Одатда шеър изоҳланмайди, шеър англанади, деган гапни эшитганингаз бордир. Шунга амал қилиб мен бу ерда Ҳалиманинг 4 — 5 тўртликларини келтирмоқчиманки, 6у асарларга изоҳ ортиқча деб ўйлайман:

Навоий — нон. Тўсма. Унга борар йўлдан қоч,
Ғашлик қилма, тўрт ённи ҳам ёритаркан тож.
Навоийга ўзин урса, урма кофирни,
Ахир нонга мусулмону кофир бирдай оч.

* * *

Биров гўдак, бировлар ит боқиб боради,
Бировга гул, бировга кул ёғиб боради.
Бу бенаво дунёсидан наво тиланиб,
Мендек бир адашган дарё оқиб боради.

* * *

Бу дунёда менинг каби ғамдан барпо йўқ,
Тоғдай ғамин тил учига чиқармас тоғ йўқ.
Ҳеч ким мендек ўз кўз ёшин селида оқмас,
Ерда мендек гуррос солиб йиғлар дарё йўқ.

* * *

Бу умр — ўтар кўчадир. Ғофил ётма, туриб ўт,
Ётганлар бор, ҳолин сўра, кулбасига кириб ўт.
Бу кўча — байрам кўчадир, дўст-душман орасидан
Зийнатланиб, зеболаниб қушдай енгил юриб ўт.

* * *

Сеҳру сабоғимиз устидан юринг,
Доғ ўлдик. Доғимиз устидан юринг.
Чорланг. Биз борайлик. Ё ўзингиз келиб
Қошу кабоғимиз усгидан юринг.

* * *

Ютдиргану ютганимиз нимага арзир,
Ўтмагану ўтканимиз нимага арзир.
«Бошин олиб бир сориға» кетганда Бобур
Сизу бизнинг кетканимиз нимага арзир?!

Қўлингиздаги «Сайланма»дан тўртликлар кенг ўрин олган. Мутолаа чоғида сиз бунга амин бўласиз, аммо мен бошқа бир нарса хусусида гапирмоқчиман. Шоира ҳар қандай шароитда, хоҳ долғали, хоҳ суронли, хоҳ осудалик ҳолатларида ҳам шеър ижод қила олиш салоҳиятига эга.
Яқин тарихимиздаги энг мудҳиш ҳодиса — «Ўш-Ўзган фожиаси» деб тарихга кирган воқеалар таъсирида ёзилган машҳур туркумини эслайлик. Ёхуд Мустақилликкача бўлган даврдаги шоиранинг ижтимоий публицистикаси ва унга ҳамоҳанг шеърларини бир ерга олайлик. Аммо, менинг назаримда, шоира ижодидаги янги оҳанглар тўлқини бу, шубҳасиз, Мустақиллигимиз билан чамбарчас боғлиқдир. Шоиранинг кейинги пайтда қатор газета ва журналларда босилаётган туркумларида озодлик, эрк каби муқаддас тушунчалар, уларнинг миллат ва халқ тақдиридаги бемислу монанд аҳамияти ниҳоятда таъсирли тарзда ўз ифодасини топмоқда. Шундай бўлиши табиий, албатта.
Энг муҳими, юрт бошида ҳақиқий эркинлик қуёши балқди. Аждодлар, ота-боболарнинг муқаддас орзусини рўёби бизга насиб қилган экан. Биз шу кунларга етиб келдик. Бунинг шукронасини шеър билан адо қилиб бўладими? Шоиранинг ўзи айтганидек: «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...»
Мен бу мухтасар мақоламда шеърият мухлисларини Ҳақиқий Сўз билан мулоқотга чақираман. Менинг назаримда шоиранинг ўзи бир бутун, тикланаётган Сўзга айланиб бораётганга ўхшайди. Қуйидаги сатрларга диққат қилинг:

Ҳурлик йўли — кураш йўли. Тик роҳларига
Чиқар экан гард тегмасин элнинг барига,
Кураш куйин қуйиб элнинг қулоқларига,
Тун бўйи оёқ учида юриб чиқар Сўз.
Оққан бўлсам ҳамки унинг пойида тинмай,
Элга нафим кам менинг деб нечун ўксинмай,
Мен биргина сўз ўстирдим,
Мангу кўз юммай
Туркий элни балолардан қўриб чиқар Сўз!

Таъбир жоиз бўлса, мен Ҳалима Худойбердиева ижодини, унинг шоир юрагини даврнинг доимий таранг торларига ўхшатган бўлардим. Чунки бўлиб ўтган, ўтаётган ҳар бир ҳаётий жараёнлар бу юракдан ўз акс-садосини топиб бормоқда. Гоҳ мунгли, гоҳ забардаст, гоҳ тасдиқловчи, гоҳ инкор этувчи... умуман, бу йўлларда у ўзининг ўчмас изларини қолдириб бормоқда деб айтишга ҳар жиҳатдан ҳақлимиз, деб ўйлайман.

Ўзига тўқ, кўркам, хушбичим, оқ дўст,
Йиғлайман, Сизгамас, кўкси бедоғ дўст,
Пок, нопокни бирдай суёвчи тоғ дўст,
Йиғим сўлаётган болалар учун!

Олма сабоғидай ингичка бўйин,
Гоҳ етиб, гох етмай кўрмадик тўйин.
Ўлмасайди... буюк бўларди тайин,
Йиғим ўлаётган болалар учун!

Ичиб, учиб ётган боболари деб,
Тўзғиб, кўчиб ётган боболари деб,
Бир-бирини сотган боболари деб
Тўлов тўлаётган болалар учун!

Ишонч йўқ иймону, ҳаж, додларига,
Жаҳолат муҳр урган каж ёдларига,
Бир-бирин кирганда аждодларига
Ўхшаб кетаёттан болалар учун!

Агар биз бугун қаердадир хатога йўл қўйсак, адашсак, юртга нифоқ уруғини сочсак, булар беиз кетмаслиги, буларнинг барчаси учун бизнинг йўлимизнинг давомчилари бўлган, ортимиздан келаётган болаларимиз, авлодларимиз «тўлов» тўлаши муқаррардир. Мен бу ерда халқимиз бошига тушган қора кунлар, биродаркушлик фожиаларида ёзилган «Ўш-Ўзган фарёди» хусусида бир лаҳза тўхташни лозим топдим. Зотан, эслаб, юракдан ўтказилиб турилгандагина фожиалар қайтарилмаслигига кафолат бўлади деб ўйлайман. Қуйидаги «Бизлар ожиз...» шеъри Ҳалиманинг адолатсизликка, бегуноҳ тўкилган қонларга қасос бўлиб янграган ўша «Унутганнинг куйсин икки дунёси» туркумига кирган эди...

Биз кайда-ю ҳақиқат, Ҳаққа
Бағир очган осмон қаерда!
Шарпа сезсак тўхтаймиз таққа,
Юрагида арслон қаерда.
Ҳали уз-о-о-қ бизлар чўкиб тиз
Яшагаймиз. Ҳоқон қаерда?
Тўниб-музлаб қолган қонимиз,
Алмаштирмоққа қон қаерда?
Йў-ўқ, гарчанд кетмади шўримиз,
Очимиз оч, тўқимиз тўйган.
Бизлар ожиз она бўримиз
Болаларин одамлар сўйган!
Бугун дунёи дун тескари
Бўриларни одамлар тишлар.
Сенга одам бўлиб ўсгани
Йўл қўймайди бугунги ишлар.
Кўз ёшимиз кетгандир қуриб
Қон ювмоқка кўз ёш етмайди.
...Боласининг кдсосин бўри —
Ўз гўрига олиб кетмайди.

Мен шу ерда Ҳалима Худойбердиева ижодида қасоскорлик руҳи устунлиги билан ҳам бошқа ижодкорлардан кескин фарқ қилишини айтиб ўтишим керак.

Бухенвальднинг қора мўриларидан
Тутун бўлиб қочиб чиққанлар — Ватан,

дейди у уруш ҳақидаги бир шеърида. Устозимиз танқидчи Озод Шарафилдинов шоира ижоди хусусида тўхталиб шундай дейди: «Ҳалима фожиавий руҳни берганда шундай сўзларни танлайдики, бу сўзлардан тутун, дуд чиқиб тургандай туюлади».

Бало Олой тоғ ошганин унутинг,
Бало бизга ёндошганин унутинг.
Қорачиқлар ўйиб олингани-ю,
Қароқлардан қон тошганин унутинг.
Унутганнинг куйсин икки дунёси!
Тозаланиб, қизғиш гилам ёзилиб,
Қонли излар кетаверсин босилиб,
Лабларининг четларидан қон сизган
Болачалар тураверсин осилиб...
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Ҳа, рассом кўзи билан кузатилган, чизилгандай бу сатрлар, фожиалар ҳали узоқ йиллар бизни ҳушёр яшашга ундайдики, бу ҳушёрлик, бу бедорлик оқибати — иншооллоҳ, бундай дўзахий жараёнлар бошимизга қайта келмас!
Менинг фикримча, Ҳалима халкимиз бошига тушган кулфатлар, ғам-андуҳлар, қувончли кунларнинг бирортасига бефарқ қараб ўтмайди. Халқимиз «совет армияси» сафларидан темир тобутларда қайтган ўғлонлари боис озмунча озор чекдими? Ҳалима бу катта ғамни бутун даҳшати билан «тобутларда сарсон армон»лар даражасига кўтариб, ўзининг ихчамгина «Каромат» шеърига сиғдирди:

Кўнглимда кўнглимнинг минг синиғи бор,
Кўнглимда ғамларнинг ўткир тиғи бор.
Йиғи бор, олдинда катта Йиғи бор,
Элнинг болалари ўлмас бекорга.

Обдон ювган билан ювиларми қон,
Қотилидан қочиб йўлга чиққан жон.
Тобутларда сарсон, армон-а, армон,
Бу болалар қони ёзилмас қорга.

Бу кун тинч денгиздай қалқсанг-да тек, жим,
Қаърингдан ўкириқ келмоқда, халқим.
Эртага бу жонсиз болалар қалқиб
Жонли виждонларни тортажак дорга!

Мен Ҳалиманинг ижодини синчков кузатиб яна бир марта дунёдаги жамики воқеа-ҳодисотлар аввало она юрагида, аёл қалбида зарбланиши, акс-садо беришига амин бўлдим. «Худойим, элимга подшоҳлик бер», — деб илтижо қилади у бир шеърида.
Унинг шеърларида

Тирикликнинг ғами хам совға

ёки

Ай, дунё-я сен шундайин кўхна бозор
Нарх-навосин тайини йўқ, тайин ғам бор

каби ҳикмат бўлиб дунёга келадиган ҳайратомуз сатрларга тез-тез дуч келиш мумкин.
Ҳалима Худойбердиева ижодида муқаддас юрт камоли, бугун бошимизга қўнган Ҳумо қуши — Мустақилликкача бўлган орзу, армон, нафрат, исёнлар бугун бошқача, хотиржамроқ рангларда кўриниш бермоқда. Аммо эътиқод, принцип ўша-ўша. У чучмаллик, ўрталикни ёқтирмайди.
«Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам» деган сатрларини ўқигандим унинг 1-курсдалигида чоп этилган «Илк муҳаббат» китобида. У ўша-ўша Ҳаққа ёвуқ, хоксорга йўлдош.

Мен фарзандман тупроқ юз ҳаққа,
Мен бурчакдан отилганники,

деганди у кейинроқ ўзининг «Тарафкашлик» сарлавҳали шеърида.
Ўша-ўша кескин.
Жонажон Ватан шаъни, эрки хусусида гап кетганда, ҳеч иккиланмай азиз жонини гаровга қўйиб қўлига қалам оладиган ижодкорлардан деб биламан мен уни. Биз ўшандай яшаганда, ижод қилгандагина бугунги эркимиз бедахл бўлади, мангу бўлади. Мана бу унинг энг сўнгги шеърларидан бири — «Эрк йўли»:

Бари ёлғон,
Шу йўлгина чин.
Бу йўлда юрмайсан, учасан.
Фақат унда кетмоқлик учун
Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.
Отланаркан тонг ёки кечда,
Ичга тўлдир озодлик куйин.
Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,
Бошдан-оёқ ҲУРЛИКни кийин!
ЭРКка тўйин!
Керак тамоми
Муҳтожликдан ўзни қутқармоқ.
Худойимнинг тоза йўлида
Қандай байрам кишансиз бормоқ!
Қайиролмас ҳеч ким шохингни,
Қирқилади ғилофу қинлар.
Бошингдаги эрк кулохингни,
Бошинг олмай ололмасинлар!
О лол-ма-син-лар!

У ўзининг ўтган улуғ карвонлар, боболари, момоларининг давомчиси эканини ҳар лаҳза ҳис этиб, бу масъулиятни чуқур тушуниб қалам тебратади. Ҳалиманинг «Тиловчиман» деган шеърида шундай сатрларга дуч келдим:

Мен ким,
Мен бир мунглиғ сингил, тиловчиман,
Оғаларим кипритим-ла силовчиман.
Оғаларим бир-биридан кечар осон,
Жоним ипдир, мен уларни уловчиман.

Борлиғимни яратганлар ишқ, оҳлардан,
Қонлар, шонлар кечган ёвқур гувоҳлардан.
Ўч олганда ёғийлардан, гумроҳлардан
Тўмариснинг кўлларини қўлловчиман.

Биҳамдиллоҳ, қолсам ҳамки синиб, қуриб,
Сўз айтарман хоки-туроб бўлиб туриб.
Авлодимни қайтмасликка онт ичдириб,
Амир Темур йўлларидан йўлловчиман.

Шундай, биз ўтмиш байроқларимизни севиб тик кўтарган ҳолдагина ҳаёт йўлларида ўзимиз тик кетамиз. Болаларимиз тик кетадилар.
Мен Ҳалима ҳақидаги сўзимни танқидчимиз Озод Шарафилдиновнинг фикри билан якунламоқчиман. «Ҳалима бугун шеърларида ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб қолди. Унинг шеърларида ҳаёт фожиалари, драмалари билан ифодаланса-да, мардонавор руҳини йўқотган эмас. Ҳалиманинг шеърияти бизни бедорликка чақиради, виждонимизни уйғотади. Вужудимиздан лоқайдлик балосини сиқиб чиқаришга ёрдам беради. Бу шеърият кўп йиллар мобайнида кирланган руҳиятимизни поклашга ва бутлашга хизмат қилади».

Абдулла ОРИПОВ
,
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони.
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:04:40
- «ИЛК МУҲАББАТ» ТЎПЛАМИДАН -
(1968)

Оқарганда сочлар эслаймиз
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини.


ЎЗИМИЗНИНГ БОҒЛАР

Дунёнинг қай бурчи, йироқ боғларда,
Олмалар қизарар бетиним.
Хазонрез хаёллар босган чоғларда,
Мен тиниб,
Воз кечиб ўйлару ташвишдан
Қачондир боғларда ғарқ пишган
Қип-қизил олмаларни эслайман.
Оҳ, бизнинг боғларга баҳор келган кез,
Гўдакдай тез,
Тошқиниб гуллади олмаларимиз.
Қуёшнинг нурини борича ичиб,
Шу қуёш нурича лаззатин кучи
Бўлгандир эҳтимол, сезмагандик биз.
Тотиб ҳам кўрмадик баъзисин лоқайд.
Отдик баъзисини тишлаб бир, икки.
Биз беғам, сезмадик, ҳатто қайси пайт
Ўча бошлаганин боғларнинг кўки.
Ва лекин бу баҳор, беминнат яратар
Баҳор, яратувчим, сенга минг қуллуқ.
Уфқларда қуёш
Ҳеч гап бўлмагандай қип-қизариб ботар,
Бағрида олов бор, аммо зарда йўқ.
Яратувчим, яна яратар бегумон,
Бизнинг кўҳна боғлар шундай гулласинки,
Қон рангида қизарсин олмаларимиз.
Ранги қонинг қиздириб, қуритсин тинканг.
Бунга-ку ишонч бор, кўк майса дийдорин,
Куртаклар бўртигин қўмсамайди ким?!
Баҳор-ку тўкади аямасдан борин,
Аммо, баҳоргача узоқ-да, дўстим.
Майли,
Боғлар гул очсинлар, безавол, қулф урйб,
Улар ўз ватанин буркарлар нурга.
Ўзга чаманларнинг гуллашини кўриб,
Ўзимизнинг боғлар тушар хотирга.
1967 йил 3 октябрь


ЮРАГИМДА БАРГЛАР ШИВИРИ

Ўз дунём ичида боғларни яратдим.
Сўлиб битдилар.
Тафаккур кучидан тоғларни яратдим.
Нураб кетдилар.
Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим,
Барг, хазон.
Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим.
Дилда қон.
Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб
Тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним.
Майса, кўк майсалар унда зап,
О, жоним!
Қийнадинг дейсанми, тўғри-ку,
Ўйласанг менда ҳам гунох йўқ,
Шу кичик юрагим бўлса қув,
Яшасак беғалва, кўнгил тўқ.
Бегона ташвишу жабрга,
Уйқуда ўтса ҳам умр бир кун
Кетмоқ шарт сўнгги уй-қабрга.
Шундай, ҳа, маҳкам бўл, сен жоним.
Елкага
Ҳали кўп юкларни юклармиз,
Кўп хазон боғларни тиклармиз,
Кўтара олмасмиз юкни гоҳ,
Ва ёки туйғумда қулар тоғ.
Шунда яна янгидан
Тафаккурда тоғлар яратишимиз,
Сўлган боғлар ўрнида яшил-яшил,
Дарахтлари шовуллаб турган боғлар яратишимиз керак,
О, менинг қаттиқ жоним!
Ишонаманки,
Сен чидаб берасан бу талабларга жим.
Юрагимда барглар шивирлаётганга ўхшайди,
Демак,
Яратилажак безавол боғларимнинг
Илк ниҳоллари куртак ёзаяпти,
Боғлар гуркираб қад кўтараяпти юрагимда,
Барглари яшил-яшил боғлар...
1967 йил 3 октябрь


БИЗНИНГ ТОҒДА

Тоғ бошида рўмолим қолди,
Ўша-ўша тинчим йўқолди.
Дуч келади унга қай овчи,
Қайси сайёҳ, қайси йўловчи.
Тоғ бошида рўмолим колди,
Ким бор эди, у этди насиб,
Ўтмадими оҳулар босиб.
Қолмадими ёмғир остида,
Сархуш, тоғнинг баланд-пастида,
Ким юрганди, у этди насиб.
Кундуз телпак кийган чавандоз,
Ҳадик тортмай юрагингни ёз.
Отинг нечун гижинглар бу пайт,
Рўмолимни сен олдингми, айт?
Қундуз телпак кийган чавандоз.
Учқур бўлар тоғ йигитлари,
Яна рашкчи уларнинг бари,
Сен улоқда ўзгил улардан,
Бир йигитдай рашк ҳам қиларсан?
Учқур бўлар тоғ йигитлари.
Огоҳ бўлгил яна бир сирдан,
Сен курашга тушарсан қирда,
Совриндорни йиқитганинг дам,
Отам сенга қилгайдир карам.
Сен курашга тушарсан қирда.
Шу шартларни бажарсанг, ўғлон,
Жайрон кўзга фидо бўлсин жон.
Сўнг рўмолим олсанг, майлига.
Бизнинг тоғда қолсанг, майлига,
Шу шартларни бажарсанг, ўғлон!
1967 йил 22 апрель


ДОРИЛАМОН КУНЛАР КЕЛДИ...

Онагинам!
Дориламон кунлар кулди, шафакдари ол,
Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».
Сўлғин-сўлғин лабларингдан учаркан шу сўз,
Отагинам хаёлимда ростлай бошлар қад.
Дориламон кунларга қайт, онам, юмиб кўз,
Ўксик дилда бошланмасин десанг қиёмат.
Бу табиат суюмлидир ҳам кўзлари кўр,
Гоҳ шаробдан, гоҳ оғудан қилар бизни маст.
Белгинангга тиргак бўлай, онажоним, тур,
Дориламон қуёшга боқ, унга қасдма-қасд.
Юзинг ардоқли қуёшдай иссиқ ва маҳваш.
Кўзларингда умид ёнар тикилган они,
Қорли кунлар билан кетсин дилингдаги ғаш,
Қизғиш, лола ранг қоплайдир бу кун дунёни.
Бу дунёнинг қир-дарасин хосияти мўл,
Ерни яланг оёқ боссанг яйрайди танинг.
Яшамоқ — бир тансиқ таом, унга урсанг қўл,
Борган сари очиладир иштаҳанг санинг.
Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох,
Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжлиқдир.
Ўғлонларинг келар, ана, очишиб қучоқ,
Ўғлонларинг мева қадар бир ширинликдир.
Онагинам!
Ўзинг тортма давралардан, эл чорлаганда,
«Тирикликнинг байрами», деб созланганда тор.
Ўзинг сўлғин лаблар билан пичирлагандай:
«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».
1967 йил 10 декабрь


ЖУФТ ШЎХЧАН КЎЗ

Ойдин кеча. Юлдуз милдирар,
Ойдин кеча. Чарақлар само.
Жуфт шўхчан кўз мени ўлдирар,
Яна ўзи тирилтирар аммо.

Севмасам гар улар боққан тоб,
Оғир гуноҳ, кўзга қўнгай гард.
Севсам бўлмас ўтига чидаб,
Оҳ, ўртоқжон, бу қандайин дард?!

У чақнаса менга тинчлик йўқ,
У чақнаса дудсиз куяман.
Чақнамаса мен ғамга тўлиқ,
Чақнамаса қора кияман...

Кўкда юлдуз маъсум милдирар,
Пастда жуфт кўз мени ўлдирар...
1967 йил 14 декабрь


МЕНИ УНГА...

Мени унга «бунда бор» деманг,
Дийдорингга ташна, зор деманг.
Аллақачон келар экан-у,
Йўл тўсармиш, ғурур, ор деманг.

Майли, бунда мени бор денглар,
Қўлларида сайроқ тор денглар.
«Севилгандай нигоҳи сирли —
У тинч эмас, бир гап бор» денглар.

Кўзи қора, қуралай, тенгсиз,
Кокиллари бурама, денг Сиз.
Шундай ҳурилиқолар ерда
Сира ёлғиз юрама, денг Сиз.

Шунда ўзи излаб келади,
Ҳузуримга бўзлаб келади.
1967 йил 14 декабрь


* * *

Ўчган ўтни ёндирма қайта,
Ёмон, ёмон унинг ёниши.
У қизишиб, гурлаган пайтда
Мушкул уни ўчирмоқ иши.
Илтимосим, қайта ёзма хат,
Ўйнатмасин юракни нидо.
Биз бир фурсат бўлганмиз улфат,
Ва мангуга айтганмиз видо.
Айбдор сенми ё мен гуноҳкор,
Суриштирмоқ пайтимас, дўстим,
Ёз-у, бизнинг дилга чўккан қор,
Дил қорини ким кўрибди, ким?!
Кўникканман энди барига,
Энди мен шод қўшиқ айтаман.
Эътиқодим занжирларига
Зарб теккизма энди қайтадан.
Кеч гуллаган экинлар совуқ
Изғиринда бўладир нобуд.
Қайта ёқма сен ҳам ўтни, йўқ,
Кул қиладир бизларни у ўт.
1967 йил 20 май


* * *

Сочларимга нигоҳ солмай ўт,
Нигоҳингдан ўйга толгайман.
Сен тасодиф боқарсан, йигит,
Мен сочим-ла боғлаб олгайман.
Тасодифдир ва балки ҳавас,
Жилмайишу бошинг сараги.
Аммо билмайсанки, шу нафас
Қўлгинамга тушар юрагинг.
Мен ғижимлаб ўйнарман ёмон,
Ёндирмаса, қилмас бўлса хун.
Мудроқ ҳислар топмасдан омон,
Чангалимда сўнадир бир кун.
Сочларимга нигоҳ солмай ўт...
1967 йил 20 май


ЭНДИ У...

Бир ўтда, бир ўтда, оҳ, ёндим,
Ва лекин
Ҳиссимни яширмоқ истайман.
Қадримни оширмоқ истайман.
Қандай бахт, инондим, инондим.
У мени севади, оҳ, ортиқ
Изларим ўпгудай, ўпгудай.
Бир нигоҳ қилсам, бас, мен тортиқ
Изимдан гўдакдай чопгудай.
Чопди у, куйлади сержаранг
Мен лоқайд кўрсатдим ўзимни.
Асаби тортилди кўп таранг,
Гоҳ ёшлар тўлдирди кўзини.
«Йигит ҳам йиғларми дунёда», —
Тўнимни тескари киярдим...
Ва ғурур кундан-кун зиёда,
У бўлса куярди, куярди.
Шу алфоз ўтаркан кундан-кун,
У бир кун «бас» деди барига.
Энди мен куярман, оҳ, дилхун,
У лоқайд юрагим зорига.
Қалқимас кўзида ҳатто мунг,
Бу қандай бедодлик ишқдан сўнг?!
Энди у...
Ҳиссини яширмоқ истайдир,
Қадрини оширмоқ истайдир.
1967 йил 12 май


БИР ДАҚИҚА

Биз учрашиб, ажралишган бир дақиқани —
Ўтмиш қори кўмиб кетди, бўлмайди кураб.
Фақат хотирга тушганда титрайди таним,
Кўзларимдан аччиқ ёшлар кетар тирқираб,
Мени эслаб сиз ҳам хомуш тортар эмишсиз,
Сезмасин деб кўз ёшингиз артар эмишсиз.

Бу ҳам бир бахт, бошқа-бошқа дунёда юриб,
Унутилган бахтни қўмсаб, тўксак агар ёш.
Йиллар бизнинг қўша изни кетгач супуриб,
Йиллар танҳо дилимизни қилиб кўйгач фош,
Ёш тўкамиз, бу ёш энди бахтни ёд қилар,
У юракдан қон сингари сирқиб томчилар.

Бу ҳам бир бахт, бирга бўлсак бизлар, эҳтимол,
Агар қисқа бўлмасайди ўшал дақиқа,
Бунча оғир бўлмасайди бу дўзахий ҳол,
Сиғинмаган бўлардикми бугунгидақа,
Сезиб туриб бўлишимиз кўп ўтмай жудо,
Бир-бировга олов янглиғ кўриндикми, ё?

Ўша куни мен насиҳат қилдим кўп совуқ —
«Ранжимангиз, йўлимизнинг айрулиги рост».
Аммо бугун бу гапларга ўкинганим йўқ,
Вақти-вақти келиб шундай эслайман, холос.
Бу эсламоқ тароватли, хароботли зап —
Сайроқ қушинг ўз қўлингда жон бергандай гап.

Бир дақиқа...
Ортда қолган қоп-қора тун бағридаги нур,
Барча шукуҳ, азоб учун Сенга ташаккур.
1967 йил 7 октябрь


КИЙИКЛАР

Биз бир тоғнинг кийиклари
Қаттиқлиқда тошлармиз.
Чопаркан қоялар сари,
Енгил уча бошлармиз.

Биз бир тоғнинг кийиклари
Тоғ гулидай ёввойи.
Кўп гўзалдир уфқдан нари
Оқ чўққилар ғаройиб.

Биз бир тоғнинг кийиклари
Бири қувган бирини.
Нондай суйиб ўпгай бари
Оёқ қўйган ерини.

Биз бир тоғнинг кийиклари
Қолмайлик, деб чоҳида —
Кетиб сайёҳлардан нари
Беркинурмиз гоҳида.

Биз бир тоғнинг кийиклари
Тоғда бизнинг ризқи рўз.
Учсак дилдан ҳасрат арир -
Майли қуёш, майли муз.

Биз бир тоғнинг кийиклари
Тошларда шавқ-оҳимиз.
Ғам йўқ, туёқ қорни ёриб,
Нурда ёнса шохимиз.
1968 йил 18 февраль


КЎНГИЛ, ҚЎЛИН БОҒЛАБ...

Кўнгил, қўлин боғлаб одам аҳлини,
Банду-банд қилади тағин муҳаббат.
Бир кун йўлдан уриб соғлом ақлини,
Дардманд қилади тағин муҳаббат.

Чироққа уринган парвонасимон —
У келса қизғанмай дилимни тутай.
Мен ўзим шу дарднинг ҳосиласиман,
Майлига, шу дардда дунёдан ўтай.

Аждодим ҳаёт деб, ишқ деб очган сўз,
Авлодим ҳам ундан ўйларга чўмсин.
Шу дард оқибати мен очганман кўз,
Сўнг дам тағин шу дард кўзимни юмсин.
1968 йил 18 февраль

* * *

Қаро кундан дилим тонган, нурдир, тозадир бу ишқ,
Кўзларимда ўтдай ёнган ердир, фазодир бу ишқ.
Билмам, унинг қўли абад силармикан сочимни —
Балки пешонамга битган бало-қазодир бу ишқ.

1968 йил 18 февраль


ХОТИРА

Қўйиб юбор, ортга тортма, севги эртаги,
Мен бу уйдан чиқиб кетай қоқиб этагим.
Кулгуларни кулдик, йиғи бўлди йиғланиб.

Кетай энди, қўйгин, бироқ қўймас остона,
Ҳали мени қийнамоқдан тўймас остона,
Оёқларим остонада қолди михланиб...
1968 йил 18 февраль


* * *

Сиз топмишим, йўқотмишиммас,
Сор лочиним, ожиз қушиммас.
Сиз дунёда рост деб тутганим —
Тутолмаган ёлғон тушиммас.

Сизга фидо бўлмоқ истайман,
Сиз деб адо бўлмоқ истайман.
Аста-аста йўқотмай Сизни,
Бирдан жудо бўлмоқ истайман.

Таранг тортмоқда симлар, айтинг, —
Хаёлларга толсинлар, айтинг.
Сиз — жон, олса жоним қийнамай,
Бирданига олсинлар, айтинг.
Сиз топмишим, йўқотмишиммас...
1967 йил 8 июнь


* * *

Хайр энди,
Ортикдир битта сўз,
Номимни атама,
Юлдузим, бўлсанг-да ёнимда —
Бир юлдуз бор йироқ бир юлдуз —
Мен ишқин асрайман жонимда.
Мен энди...
Кетаман.
1967 йил 9 май


* * *

Ўйламангки, унинг қалби йўқ —
Кўпни севар, кўпни кўзлайди.
Ҳамма билан бўлса ҳам дўст, шўх —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ҳаёт такрор учраштираркан,
Кимни «сен»лаб, кимни «сиз»лайди.
Йўқ, уларга бермайди у тан —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Дерсиз «ошиқ»лари эмас кам,
У, қанчаси унга сўзлайди».
Дил розларин тинглаб туриб ҳам —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ёки деманг «қиш совуғидай, —
Унга яқин юрган музлайди».
Ўзгаларга ҳарорат бермай —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Деманг, маъюс тортиб қолган дам —
«Унутган ошиғин эслайди».
Ишончини ҳамон қилмай кам,
У бир дардкаш қалбни излайди.
1967 йил 8 июнь


* * *

Фақат омад камдан-кам жуда,
Юрамиз биз топиб, йўқотиб.
Гоҳо ясоғлиқ от устида,
Гоҳ пиёда, чангларга ботиб.
Яшилланар умр дарахтимиз,
Сарғаяр ҳам бевақт ёғса қор.
Шундай, гоҳо тожу-тахтлимиз,
Гоҳ кечириб бўлмас гуноҳкор.
Изҳори дил қиладир қушлар,
Биз уларни этмасмиз писанд.
Овунтирар бизларни тушлар,
Оҳ, у тушлар гоҳ берадир панд.
Гоҳ қип-қизил гулларга кўмиб,
Бир олам бахт йўллайдир олам.
Сипқорармиз кўзимиз юмиб
Зардоб тўла қадаҳларни ҳам.
Гоҳ кулиб, гоҳ қўл силтаб, куйиб
Ўтказармиз бунинг барини.
Ҳаётнинг шан марҳамати-ю
Рутубатли алдоқларини.
Оқарганда сочлар эслаймиз
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини.
1967 йил 8 июнь


УЙГА

Уйдан чиқдим, юракка жойлаб
Изтиробу аламлардан куч.
Шўхчан шамол тургандай пойлаб —
Остонада келар менга дуч.
Чиқдим, худди қўрғошиндай зил —
Зил бир юкни уйда қолдириб.
Остонада шафақ ним қизил,
Ёнабошлар шодлигим кўриб.
Тузинг ҳаққи, мени кечиргил —
Қололмадим бир умр сенда.
Дил қушимни эркин учирдим —
Шундай истак бор эди менда.
Ўзинг кечир, айблама мени,
Оҳ, сенга кўп қўшиқ айтардим.
Учмоқ бўлган куйим, дардимни —
Деворларинг лоқайд қайтарди.
Дунё гўзал, дунё қандай кенг —
Истайманки уфқига етсам.
Айт, маъқулми, ҳисларим менинг
Тўрт деворга ем бўлиб кетса.
Ким ўт бўлмас менинг ёшимда,
Лоқайд ўтган бу ёшда ким бор?
Туғёнли ўт ўйнар бошимда —
Туғёнларга туғён қўшгим бор.
Шулар сабаб, оппоқ тонг чоғи
Уфқ қизариб ёнаётган дам —
Мен тарк этдим иссиқ қучоғинг,
Ортиқ энди айблама сен ҳам!
Тузинг ҳаққи, мени кечиргил.
1967 йил 14 декабрь


ОТАМ ХОТИРАСИГА

Ўриб олар ўроқчи ўғлон.
Р. Ҳамзатов.

Шовуллаган буғдойзорда чалғи бўш ётар, дўстлар,
Чалғини занг босган, э воҳ, кетсин чалғининг занги.
Уни отам тутганида қувонар эди кўзлар, —
Бу кун эса 6у савдоли дунё ишин қарангки,
Ахир буғдой ўримида ундан устаси йўқ-ди,
Тош қотдиму билмай қолдим, бу ҳол ҳақми, хатоми?
Қай кун у ўзидан устун ўроқчига йўлиқди
Ва у худди буғдойдайин ўриб кетди отамни...
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:05:06
- «ОҚ ОЛМАЛАР» ТЎПЛАМИДАН -
(1973)

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим.

БИЗ ОЛМАМИЗ

Биз олмамиз шохлардаги, тўкмасинлар, айтингиз,
Дарё бўлар кўз ёшимиз, чўкмасинлар, айтингиз.
Ғўрмиз ҳали, айтингизки, ғўр мевани узмайлар,
Гўдакнинг ҳам тонгги ширин уйқусини бузмайлар.
Айтингизки, яна, бизлар энди қўшиқ бошладик,
Эшитсинлар ахир уни қулоқ бериб одамдек.
Қўшиғимиз тинаётган у қалбларни этар ром,
Эсга тушар ойдин кеча, оқ юзли қиз, сархуш жом...
Чалғингизни чархлаб қўйинг, бизнинг қўшиқ чархлоғлиқ.
Бундан сўнгги ҳаётимиз ўша қўшиққа боғлиқ.
Куйламоққа қўйиб беринг, куйлай олмасак жўшиб,
Ўриб олинг бизларни ҳам, ўша қўшиққа қўшиб.
Биз олмамиз шохлардаги, тўкмасинлар, айтингиз...
1971 йил 6 май


* * *

Тақдир улаганда умрлар занжирин —
Ногоҳда рўпара бўлдик иккимиз.
Тушунмай яширин қалбларнинг сирин,
Ҳиссиз, йўл бошидан бирга тушдик биз.
Буни тилим билан олмасам ҳам тан —
Биласан, юрагим бегона эди.
Уларни мен бу тун, қуёш ботганда,
Эсдалик дафтарга ёзяпман энди.
Кўзимни чирт юмиб сени эсласам,
Қийнайди ўтмишнинг ўкинчи, дарди.
Беихтиёр қалқир кўзларимда нам,
Ўйлайман: «Севарди, севсам бўларди».
Биласан, йўқ эди дилимга ҳоким,
Уни ўзга биров этмаганди жалб.
Мағрур, қушдай эркин эдим ва лекин,
Шунингдек сенга хам беролмадим қалб.
Тушдай ўтиб кетди бугун ҳаммаси.
Юракни фойдасиз ўртамоқ нечун.
Ўтди, аммо дилда қолди, чамаси,
Азоби, ўзим рад қилганим учун.
Бу чигал хатони тузатолмайман,
Тундай юрагимни очаман тунга.
Энди-ку сенга қўл узатолмайман,
Хайрлашолмайман ҳам мангу-мангуга.
Нурли тонг оқарар, тун бўлар охир,
Сенга тилакларим шу тонг каби оқ.
Қизиқ, гоҳ бахтинг ҳам мен учун оғир,
Бахтсизлигинг эса, яна оғирроқ!
1971 йил 6 май


* * *

Сенга барча отилган тошлар,
Таъналарга мен ўзим сабаб.
Мен сабаб сен тўккансан ёшлар,
Ғам ўтида бўлгансан кабоб.
Ўғирладим ороминг йиллаб,
Тошқин юрак сен келганда жим.
Юрдим сенга ўзга бахт тилаб,
Ўзим сендан бегона эдим.
Кўз ёшларинг хуни бўйнимда,
Отма, тегар қарғишинг тоши.
Биз тақдирнинг шўх ўйинида
Ўйнай-ўйнай кетдик адашиб.
Турмуш боғи бўлмасдан гуллаб
Ёғди унга қайта-қайта қор.
Барчасига кибор қалб сабаб,
Барчасига ўзим гуноҳкор.
Умр балки шодумон ўтар,
Балки... кўргум бошда борини.
Бироқ,
Сен қарғама, қарғишинг тутар
Кўз ёшларинг сабабкорини!
1970 йил 7 октябрь


БИР СЕН ЭМАС...

Бир сен эмас, ё бир мен эмас
Ишқ майини ичмоқни ҳавас
Қилган, ичиб бўлган шўху маст,
Сўнг тахири чиққач, деган «бас»,
Бир сен эмас, ё бир мен эмас.

Суюмлидир қизлар бари бир —
Тош қалбларни ёққан, ийдирган,
Гарчанд кўпни суйган, суйдирган,
Кимларнидир доғда куйдирган —
Суюмлидир қизлар бари бир.

Йигитда ҳам эмас ҳамма айб,
Шўх нигоҳлар тузоқ солган дам.
Сирли бахтдан кўзда шавқу нам,
Пайти келиб 6у бахт бўлса кам,
Йигитда ҳам эмас ҳамма айб.

Ишқ ҳақида оҳ-воҳ қилма, бас,
Севган бир сен, ё бир мен эмас...
1970 йил 7 октябрь


ҚОР УЧҚУНЛАБ ТУРГАНДА

Кўп нарсалар келар эсга, қор учқунлаб турганда,
Кўҳна дунё ёшдир кўзга, қор учқунлаб турганда.
Ғамлар тоши юрагингдан кўча бошлар бирма-бир,
Сен ўзгасан, ҳасрат ўзга, қор учқунлаб турганда.
Ўй-режалар қушларининг тўдасига отар тош,
Ғам-ташвиш йўқ ризқи рўзга, қор учқунлаб турганда.
Ажаб, сершовқин дунёга атай чўкар сукунат,
Йигитлар қалб очса бизга, қор учқунлаб турганда...
1970 йил 17 декабрь


ҒУРУР

Қора сочларимнинг тўлқини
Тўлғонганча оқар қуйига.
Муҳаббатнинг сирли ёлқинин
Олиб кирган йигит ўйига
Балки удир...
Кўзларимда ёнади офтоб,
Кўзларимда саратон, июль,
Бир шўх нигоҳ ташлаганим тоб,
Ўзга дилда ўстираман гул.
Балки удир...
Қўлларимдан гоҳо тер, гоҳо
Келар эмиш кўкламнинг ҳиди,
Қўлларимга бермай ҳеч баҳо,
Кўзга суртиб у ўпган эди.
Балки удир...
Ўсма қўйган қора қошларим,
Ним қизил, шўх лабларим билан
Жовдирашим, гоҳ довдирашим,
Кўзда қалққан ёшларим билан
Севилдим бирдан.
Унинг сочи, оҳ, унинг сочи
Қора, ғайир, ҳам шундай қалин.
Юрагимда баҳор гул очиб,
Тортинаман мен кўз тиккани.
Қалин эмиш менинг ҳам сочим,
Сочларимга қўли теккан чоқ,
Титроқ билан кузатаман жим
У қўлларга киришин титроқ...
Билмай қолдим... қай бахтли куни
Ғавғо солдим унинг ўйига.
Қора сочларимнинг тўлқини
Тўлғонганча оқар қуйига...
1971 йил 12 май


ОҚ ОЛМАЛАР ПИШГАНДА

Отам Умматқул Худойбердиевнинг
ёрқин хотирасига багишлайман

Отагинам!
Сиз кетдингиз, қолди кетмону пахта,
Паймонангиз шунча эрта тўлишини билмабман.
Куз келмасдан илдизига болта теккан дарахтдай
Сўлишини билмабман.
Эсимда бор: сочингизга илк оқ тола тушган чоқ
Қайғурибман, отам эрта қарияптилар чоғи.
Ногоҳ, сизни йўқотдим мен оқ олмалар пишган чоқ,
Дилдан кетмагай доғи.
Оқ олмалар пишган кунлар босди-ку қора ғамлар,
Тополмадим мен отамни боғ айланиб, ёш тўкиб.
Ҳар йилгидай тикланса-да саф-саф пичан ғарамлар,
Уни ўзи тиклолмади, кетган бўлса-да экиб.
Ташвиши кўп эди ҳали, пичан пишиб далада,
Шохлардаги унга мустар оппоқ олмалар қолди.
Отагинам, оқ олмани севардингиз боладай,
Сизга олма терар қўлим бу кун термасдан толди.
Оқ соқолли боболарни тавоб қилардим-ку мен,
Оқлик кўриб изида.
Сизга, отам мўйсафидлик умрин тилардим-ку мен,
Тилакларим тўзиди.
Билардингиз, уялибми, боқолмасдим сизга тик,
Тўйиб қаролмагандим.
Тирикчилик кунингизга ризқи тўкин фарзанддек
Ҳали яролмагандим.
«Ота мерос» уйни қуриб, тўнғич ўғилни уйлаб,
Узатмоқчи эдингиз-а эндигина оёқни.
Бугун кезар эканман мен танҳо олмазор бўйлаб,
Эзиламан кўтарганча армон деган зил тоғни.
Гарчанд умр сўнгигача инсонга сермеҳнат йўл,
Билмадингиз Сиз дунёда борми унинг адоғи.
Кўз олдимдан ўтаётир у чапдаст, сертомир қўл
Ва кафтларнинг ўчмас муҳр — танга-танга қадоғи.
Қорайган сахий тупроқнинг ранги акс этар унда,
Минг кишилик давраларда бўлсангиз ҳам топардим.
Ўша қўлингиздан таниб топар эдим, оҳ, шунда,
Гўдаклигим соғинчию зори билан ўпардим.
Саманингиз турар ўша қозиғида депсиниб,
Акам миниб, балки бир кун сиздай чавандоз бўлар,
Ҳаёт қизиқ, эсар экан сўнгсиз йиллар эпкини,
Чавандозлар кетар экан, чавандозлар туғилар.
Аммо «тойлар от бўлгунча юраклар лат бўлар», деб,
Онам йўқлар йўқловларда, сиз ёдига тушганда.
Йиллар оша укаларим такрорлаб юрар мендек:
«Биз отамдан айрилганмиз оқ олмалар пишганда»...
1971 йил 18 сентябрь


ҚЎМСАШ

Йўлдан елиб ўтар учқур от,
Бир-бир кечар болалик ёддан.
Мир чавандоз қизини ҳаёт
Жуда эрта айирди отдан
Ва отамдан эрта айирди,
Тўймадим меҳрига, на илож.
Қаердаки улоқ, от кўрдим,
Тикилдим мен гўдак кўзим оч.
Кўк қундузин қошга бостириб
Улоқчилар тўдасига гоҳ
Гўё отам келарди кириб,
Бир зумгина энтикардим, оҳ.
Ўтлар сачраб туёқларидан
Кўкни тутса от гижинглаши,
Бир дард сизиб кўнглим қаъридан
Ўз отимиз излардим шошиб.
Йиллар бўйи изладим, топдим,
Ва йўқотдим ўша заҳоти.
Ўхшаш кимса ортидан чопдим,
Ортга қайтдим ўйларга ботиб.
Туюларди булар мисли туш,
Ўнглигини англадим кейин.
Уфқлар Сиз бўлиб чорлармиш,
Учгим келди гоҳ худди қуюн.
Қўмсашлардан ўртанар бағир.
Ўтганларнинг билгани билган,
Мен чавандоз қизиман, ахир,
Ота, отдан эрта айрилган...
1971 йил 18 сентябрь


СЕНИ СЎРАШАР

Менга дуч келганда қадрдон дўстлар
Мени қўйиб сени сўрашар олдин.
Олдин сенга бўлар илтифот, сўзлар,
Мен бўлсам бу сўзлар юкидан толдим.
Миямга чақиндай бирдан қон уриб —
Бўшашади оёқ-қўлларим шу он.
Елка қисиб қўйса ҳолимга бири,
Бири кўз ташлайди ачингансимон.
«Яхши, яхши», — дея ўзимни тутиб, —
Уйга шошиламан, ҳайрондир улар.
Уйда... ойларки... сен олмайсан кутиб,
Бизни учрашмасга бошлаган йўллар...
Биламан, кўп мушкул бу ҳол сенга ҳам,
Аммо начора,
Ўз хоҳишимиз билан
Тинглаймиз тақдирнинг бу нохуш куйин.
Қийин, сендан мени сўрашгани дам,
Ўғлимиз сўрашса бундан ҳам қийин.
1970 йил 13 август


ОТАШ ДАВРАЛАРДА

Оташ давраларда шўх-шан эмишман,
Энг бахтиёр қизга ўхшар эмишман.
Сезилмасмиш, дудсиз ўтда мен куйиб,
Ёниқ ишқ мактубин ўтга отганим,
Муҳаббатнинг хазон либосин кийиб,
Боли қолиб, кўпроқ заҳрин тотганим —
Сезилмасмиш...

Ногоҳ бахт уйини осон топганим —
Унда мени чорлар дарча бўлгани —
Мен эса бепарво —
Дарчани ўз қўлим билан ёпганим —
Сўнг дардда қалб парча-парча бўлгани —
Сезилмасмиш.

Танҳо дамларимда ўзим билан банд —
Минг бор тирилганим, минг бор ўлганим,
Йиғлаб чиққанларим узун тун билан
Ва йиғидан бодом қовоқ бўлганим —
Сезилмасмиш.

Тонгда ҳамма дардни кўнгилдан қувиб —
Сўлиш билмагандай хушбахт, хотиржам,
Шўр ёшларим билан юзимни ювиб —
Оппоқ тонгни кулиб қаршилашим ҳам —
Сезилмасмиш.

Оташ давраларда шўх-шан эмишман,
Энг бахтиёр қизга ўхшар эмишман.
1970 йил 11 октябрь


ШУНЧАКИ...

Мен шунчаки ўйлагим келмас,
Хаёл — шароб мисол қилсин сархуш, маст.
Мен шунчаки куйлагим келмас,
Овоз пардаларим чидаб берса бас.

Қўлингга тушаркан жажжи чақалоқ,
Шунчаки севмоқда қандай лаззат бор.
Керак чинқиртириб ўпиб, тишламоқ,
Биз ҳам гўдакликда топганмиз озор.

Шунчаки севилмоқ — бахти қоралик,
Тўла толе учун бу кемтик, бу кам.
Менинг қалбим шундай севгига молик,
Бир чарсиллаб ёнай, сўнгра сўнсам ҳам.

Оҳангга шунчаки солмасдан қулоқ,
Таржима қилиб ёз сим садоларин.
Ахир булоқмасмиш тоғдаги булоқ,
Кўз ёшларимиш у ишқ гадоларин.

Шунчаки кулмоқ ҳам истеҳзодек гап,
Бирдан қаҳ-қаҳ урай, чўчиб кетсинлар.
Бошларига осмон тушгандай қулаб,
Ғафлат бандалари ёқа тутсинлар.

Шунчаки йиғлаш ҳам ярашмас бизга,
Уни эплар фақат юраги тошлар.
Шундай йиғлай, ҳожат қолмасдан сўзга,
Қурғоқ кўзлардан ҳам қуйилсин ёшлар.

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим.
1971 йил 20 октябрь


ЙИГИТ ҚАДАМ ТАШЛАРКАН...

Йигитларни куйламоқлик эриш туюлар чоғи,
Дилбар, нафис шеърга ўзи қовушмайди йигитлар.
Гулга кира бошлар экан уларнинг кўнгил боғи,
Қуёшда чатнаб ўсадир унда ёввойи ўтлар.

Дашт гулидай ўсар улар ҳар ёнга шох ташлашиб,
Бақувват ҳар шохларки, қайириб, буриб бўлмас,
Қийқиришиб боғларга киришсами бошлашиб,
Қаҳ-қаҳ садоларидан чўчимай юриб бўлмас.

Инсон панжасими у ёки шер панжалари,
Қўллар бир хил майин-ку, туғилганда, йўргакда.
Пайт келиб биз титратиб шу шернинг панжаларин,
Гўдакдай қувонамиз, қуш учирган гўдакдай.

Юраклар у юракмас, дугонажон, асрангин,
Учқун тушса куйдирар, унда ёнган ўтлардан,
Гарчанд биз деб ҳамиша бахт, борлиғин асради,
Ҳайиқмай бўлмас ахир, ул асов бургутлардан.

Тортиниб ўтмоқ тақдир бизга улар дастидан.
Маъсум тортиб, атиргулдай, чирой очиб дам-бадам.
Токи олис юлдузларнинг чақноқ нури остида
Одам ота зурриёди — йигит ташларкан қадам.
1972 йил 14 январь


ҚАЛБИНГГА ЧОРЛАЙСАН

Сен мени қалбингта чорлайсан,
Келишиб олайлик.
Кўп хушрўй кўринар қалбингдаги боғ,
Унда умид янглиғ ёнар бир чироқ.
Милтиллаган чироқ нурларига
Жим тикиламан, ҳузур қиламан.
Омонат бўлмасин, ишқилиб, у чироқ,
Синамоқ учунми ёки ҳазиллашиб...
Ё титроқ шуъладан келгандами ғашим,
Ўчириб қўймайин тағин уни мен,
Боғинг хушрўй, аммо ўчмасми кўклиги,
Қоғоздан эмасми унинг дарахтлари.
Ногоҳда қуюнлар ёприлган вақтлари
Тўхтата билмасми япроқлар шўхлигин.
Боғинг хушрўй, аммо биласан, мен унда
Авайлаб-авайлаб босмасман қадам.
Саратон кўкини куйдиргувчи кундай
Мен боғингга кириб борган дам,
Шамолим бўлади ўзимга яраша,
Ҳарорат, қуюним...
Қаричма-қаричлаб у боғни кезарман,
Шодумон, куюниб.
Меҳмондек кезмасдан
Шохларни қайириб қоқарман.
Сочилган олмалар меники.
Мевага, чироққа ишонч-ла боқарман,
Энтикиб.
Ўшанда чироғинг ўчса гар,
Алҳазар,
Боғингни қиларман мен остин ва устин.
Унда мен йиғламам, сен кўз ёш тўккин мўл,
Темирга, тошларга тўладир,
Мен босиб ўтган йўл.
Кўкатлар унмайдир унда сўнг,
Фиғонлар тинмайдир унда сўнг.
Сен мени қалбингга чорлайсан,
Келишиб олайлик.
1972 йил 20 февраль


* * *

Укам Турғунжонга

Болакай ўлтирар қайиқда,
Гоҳ боқар атрофга жовдираб.
Ҳайдагил қайиқни ҳайиқмай,
Болакай, қолмагил довдираб.
Бу ҳаёт ғалати, жигарим,
Ким эшкак тортади болаҳол
Ва кимдир ҳаққи бор сингари
Улғайган дамда ҳам бемалол
Қайиқда ястанса беқайғу,
Боқмагил сен унга суқланиб,
Юкларин бировга ортган у,
Ўзи ҳам бировга юкланиб.
Умрбод эмасдир бу айши,
Кўраркан оқимнинг тезобин,
Қачондир беллари майишиб,
Тортар у эшкакчи азобин.
Майлига, хотири бугун жам,
Бир танбал булутдай ухласин.
Чорлайди чароғон бир олам,
Шу олам сурурин йўқла сен.
Ҳайратда тикилма, тушми, рост.
Кўрдингки, поёнсиз кўлдамиз.
Эшкак торт, қулочни кенгроқ ёз,
Эшкакчим, мардим, биз йўлдамиз.
Қўрқма, гоҳ қийналиб қолса жон,
Шамоллар мадорни кетказиб.
Болакай, борармиз икковлон
Қайиқни уфққа етказиб.
1972 йил 29 июль


КЕМАЛАР ТИККАГА ЙЎЛ ОЛСИН

Сен ҳакда
Юлдузлар куйласа жимирлаб,
Япроқлар куйласа тинмайин
Завқ билан тинглардим шуур-ла,
Кўзимга уйқулар қўнмайин.

Ногоҳда
Исмингни айтсалар чопардим,
Севардим, оҳ, у хуш навони.
Талпиниб нон каби ўпардим
Исмингни янгратган ҳавони.

Ва лекин
Биз йўлга чиққанда, кемамиз
Сурди-ку шамоллар айру ён.
Гарчандки узоқлаб кетдик биз,
Қайтмоқчи эмишсан мен томон.

Йўқ, чекин.
Кемангни бурмагил, қистама,
Дўстгинам, сен ортга қайтма, йўқ.
Мен сенга сарсонлик истамам,
Боқ, ахир кемангда қанча юк.

Уларни
Қилмагил хоҳишинг қурбони,
Гуллар бор, кутганда очилмас.
Бор эмас ҳамиша имкони,
Тугунлар бўларки, ечилмас.

Дардларни,
Армонни юракдан юлиб от.
Қайрилма ортга-ю чеккага.
Орада бўлмасин аросат,
Кемалар йўл олсин тиккага...
1972 йил 16 август


* * *

Учирма қуш, полапоним учмоққа шайланади,
Тушларида булутлардан юксакда айланади.
Дуч келаркан булутларга урар у тўшларини,
Уйғонаркан, таъбирини излайди тушларининг.

У учмоқчи, қуламоғи тушига ҳам кирмайди,
У ерда ивирсиганлар билан суҳбат қурмайди,
Уядаги тинч умрни изламайди полапон,
Кўнгли тўлар, осмонларда кезса дайдиб полапон.

Парвоз қилгин-у, бемаҳал қуламагил, жон қушим,
Кучсизгина қанотингга мадад бўлсин олқишим.
Олқишларман, у ҳолбуки олқишни ҳам тингламас
Қуёш кулган шу тиниқ тонг, у учмоғи керак, бас.

Самоларнинг қучоғига ўзни отар у бу тонг..
Учар, ё булут бағрига тошдай ботар у бу тонг...
Учмоқчисан, юксак учгач — қуламоққа ҳам шайсан,
Полапоним, полапоним, юрагимга ўхшайсан...
1972 йил 16 май


* * *

Омон-омон қўшиқлардан айт,
Алвон-алвон қўшиқлардан айт,
Оҳанг бўлиб қўшиққа бу кеч
Қўшилишиб кетадиган пайт.
Омон-омон қўшиқлардан айт.

Юракларга ўт бўлиб кириб,
Ўзинг ҳам куй, куйла куйдириб.
Бари-бари тушсин ёдимга,
Бари-бари чиқсин олдимга.

Йироқдаги оппоқ соч онам
Келмоқдадир кипригида нам,
Онам, онам тушсин ёдимга.

Қамчин уриб келмоқда отам,
Отин суриб келмоқда отам.
Сурон солиб яшаб кетди у,
Ғолиб-ғолиб яшаб кетди у.
Қамчин уриб келмоқда отам.

Одил Дароз бор эди бир чоқ,
Отагинам сирдоши эди.
Қўмсаб қолар Дарозни гоҳ-гоҳ
Чавандозлар давраси энди.
Одил Дароз бор эди бир чоқ.

Айтаверсам жонга тушар ўт,
Ёш тўкмоққа чоғланар булут.
Туташмоқда ўтларга кўксим,
Қўй, яхшиси, мен тинглайин жим,
Ўзинг алвон қўшиқлардан айт,
Омон-омон қўшиқлардан айт.
1972 йил 18 август


СЕВАН ҚОШИДА
(Арманистон сафари хотираларидан)

Юрагингни титратди-ю бир иштиёқ, чанқоқлик,
Севанга дуч келиб қолдинг, пинҳон унга ёш тўккин.
Ундан тила ўзи янглиғ улкан меҳр ила поклик,
Ғурурингдан устун келиб ҳузурида тиз чўккин.
Дейлик, сени қондирмади шу улкан кўл, шу наҳр,
Сезмай қолдинг бир умрлик узилмас ғам қилди қул:

Энди дунё шавқларидан ўтажаксан бебаҳр,
Ахир энди дуч келмайдир, бундай тиниқ, зилол кўл.
1972 йил 3 март


* * *

Менинг шеър бошлашим бўлди қийиндан-қийин,
Кейин шеър уланиб кетди шеър-дил назмига.
Узоқ йиллар тинглаб юриб ҳижроннинг куйин
Бирдан таклиф этилгандай висол базмига.

Туйғуларнинг шиддатидан кетаман чўчиб,
Фикрларим толиқтириб тошар, қуюлар.
Шундай, ўргангач ҳижроннинг майини ичиб,
Ширин висол шароби ҳам чучмал туюлар.
1972 йил 18 август


* * *

Ақлим танибманки, йўлдаман, йўлда,
Тоблаб қўйди анча йўллар қийноғи.
Аниқ қанча йўл бор ҳали мўлжалда,
Мўлжалсиз йўлларнинг йўқдир саноғи.

Бу йўлларда юрдим шод қўшиқ айтиб,
Ҳар вақт ишонч билан олдга кўз тикдим.
Аммо, бир кун она қишлоққа қайтиб
Отамнинг қабрининг устидан чиқдим.

Отамнинг юзига юз қўйиб эмас,
Тупроққа юз қўйиб ёш тўқдим юм-юм.
Нега отам қаддин кўтармайди даст,
Нега гунгдай қотган бу тупроқ — уюм.

Шундан кейин тағин йўл бошланди, йўл,
Хавотир оламан энди мен тез-тез.
Бизнинг чаманларда сўлмадими гул,
Хазон бошланмасми мен борганим кез.

Шундай, энди тез-тез титроқ дил билан
Она қишлоғимга қайтади йўлим.
Хушёр тортиб қолдим сесканиб бирдан,
Ғамхўр қилиб қўйдинг сен мени, ўлим!
1971 йил 28 август.


УЛУҒБЕКНИ КУЗАТИБ...

Бўрон тураётибди, ташқарида дўл-бўрон,
Ёлларин ҳурпайтириб чопар бўрон отлари.
Болакайим, сен қўрқма, сен ҳовучламагин жон —
Сен қоғоз каптарингни ясайвергин шодланиб.

Мунчоқ қора кўзингга нечун тўлаётир мунг,
Тишда бўрон отлари ер-кўкни дупурлатар.
Аммо билки, болажон, ҳамма вақт бўрондан сўнг
Сен ўйнаган далалар қуёш нурига ботар.

Бу отларнинг уюри ўтар бир-бирини қувиб,
Қалдирғочим, вижирлаб ўз куйингни куйлагин.
Деразаларни қуёш тағин нур билан ювиб,
Сенинг оппоқ каптаринг кўкка учади тағин.

Биз кўрмаган бўлсак ҳам чинакам бўронларни,
Бу сочлари оқ дунё уни кузатган қанча.
Гоҳ бевақт жала, бўрон ювса ҳам шавқ, шонларни,
У чин шон бўлса агар қолар ярқираганча.

Ерни нафақат жала, қонлар ювган қай маҳал,
Қачон қизил гул, қачон қор кўмган йўлларимиз.
Аммо, ер доим бўлган кўкариш учун маҳтал,
Кўкартирмоққа маҳтал бўлгандир қўлларимиз.

Дон сочиб ўрганган ҳар икки ишчан қўлга шон —
Минглаб икки ишчан қўл дунё камин бутлади.
Мен деб «умринг узайсин», — мен деб «омон бўл, омон»
Икки меҳнаткаш қўлни жоним билан қутладим.

Кўкартирмоқ туйғуси ҳамиша келган ғолиб,
Табиату жамият бўронларин қилган даф.
Ер шаридай юмалоқ бошингни қуйи солиб, —
Менинг кичкинам, тағин нимани қолдинг ўйлаб?!

Тушунарсан бир куни улғайиб 6у гапларни,
Капалакдай уч бугун шодмон қўшиқ тўқи-да.
Унда забардаст қўлинг учирар оқ каптарни
Тинчлик элчиси қилиб планета кўкида.

Сира маъюс тортмагил, менинг кўм-кўк палагим,
Ана, қара, бўрон ҳам тинаётир дам сайин.
Каптарингни ясайвер, менинг жони ҳалагим,
Ишга ўрганаётган жажжи қўлинг ўпайин.
Бўрон тинаётибди...
1972 йил 10 октябрь


* * *
Учаётиб кўкрагини тутди чавандоз,
Учаётиб.
Отнинг ақлли кўзларида тугаб кўклам, ёз.
Борар қора терларга ботиб.
Турналар осмонда солар арғимчоқ,
Улар билан келар иссиқлик, жануб.
Чавандоз кўзларин сўнг бор очган чоқ
Бирдан турналарин қолди-ку таниб.
«Менинг турналарим, оппоқ турналарим,
Бунча кеч қолдингиз, айтинг, бунча кеч.
Сиз билан сўзлашмай кетмоқдаман ғариб,
Сиз билан сирлашмай
Кўзим қиймас ҳеч».
Алаҳлаб,
Мадор кетган қўлларини ёзар чавандоз,
Баайники турналарин қўймоқчи силаб
Ва силтаниб эгарда қад тиклади-ю ғоз,
Зангор кўкка кўзин тикди,
Сўнг тушди қулаб.
Менинг дилимга ҳам ғамлар тоши қулади,
Дейман: «Ҳаёт, ҳар мушкулни ўз вақтида еч...»
Жон талашиб ётган учқур нидо қилади:
«Турналарим кеч қолдингиз...
Айтинг...
Нега...
кеч...»
1972 йил 10 октябрь
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:06:05
- «ЧАМАН» ТЎПЛАМИДАН -
(1974)

Сизни мен ўзимга хам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб.
Ўзга билан кетсангиз, равон йўллар қолмасин,
Бегим, иккиланмасдан ер юзин ташланг михлаб.


НАВРЎЗ

Мен бу кун таъзимдадурман еру осмон олдида,
Ҳам унда ҳокими мутлақ — Ҳазрат инсон олдида,
Ҳар гиёҳким кўз очувчи титраган жон олдида,
Тириклик шавқини берган борки имкон олдида,
Юзларим олмоқда ол ранг тонгги нурафшон олдида.

Дур либослар ичра бўздан тўн бичмаганлар ҳақи,
Ҳавзи кавсар ўртасинда сув ичмаганлар ҳақи,
Минг бор ўлиб, сўнгги дам бир бахт қучмаганлар ҳақи,
Фасли баҳор васли ёра ёлчимаганлар ҳақи,
Мен бу кун созимни созлай бор орзу армон олдида.

Шодумон боққа югургум, тонгни муштоқ оттириб,
Қирқта қилган сочларимни тилла сувда қотириб,
Наврўзона шавқ-ла куйлай ғунчани уйғоттириб,
Ва сўзлайким: «Қуёш келди, ғам ойини боттириб», —
Ғам на қилсун ул мунаввар шамъи шабистон олдида.

Оппоқ олча гулларига кўз тушган он яйрадим,
Сархуш бир ўт туташгандай қизиди қон, яйрадим,
Ҳаёт менга яна кўклам қилмиш эҳсон, яйрадим,
Оҳ, яшамоқ! Нақ танамдан чиққудек жон яйрадим,
Бу дунё қадрини сўрманг яйраган жон олдида.

Унга интиқ, аммо боғин кезмаганлар бўлди-ку,
Ялпиз ҳиди анқиган дам сезмаганлар бўлди-ку,
Қишда торайган юракни ёзмаганлар бўлди-ку,
Улар кетгач, интиқ-интиқ ёдлаганлар бўлди-ку,
Гарчанд улар қатрадурлар дарёи уммон олдида.

Улар ҳақда тўлиб-тўлиб хотиротлар бошласам,
Соғинтарган дийдорларин қўмсаб кўзим ёшласам,
Маъюс тортиб қолар ахир, у кулгувчи ғунча ҳам,
Дейман: «Ғунча кулгусига ғамгин оҳанг қўшмасам»,
Шул сабаб, шод чарх урарман бу чархи даврон олдида.

Тингланг, кезар боғлар аро куртакларнинг кулгуси,
Авжланмоқда бора-бора гўдакларнинг кулгуси,
Бу туйғулар балки бир кун мени шоир қилгуси,
Унда созроқ куйлаб бергум ҳаёт гулин хуш исин,
Ва тириклик қўшиғини жумлаи жаҳон олдида.
1973 йил 10 апрель


СИЗ ДОНО ЙИГИТСИЗ

Сиз доно йигитсиз, оқилсиз жуда,
Менинг шўхликларим, аммо, авжида.
Ғурур, шодонлигим ортиқдур баъзан,
Ғўрлик, нодонлигим ортикдур баъзан.
Сархушлик жомингиз мен тўкар бўлиб,
Туйғуларингизга кўру кар бўлиб,
Кетгум дилингизда ўчириб чироқ,
Сиз-чи, сезмаганга оласиз, бироқ.
Бесабаб қаҳқаҳам чақса ҳам чақин —
Беозор жилмайиб қўясиз боқиб.
Эркалигим ортиқ этганда ҳам лол,
Илк кўклам тошқинин кечирган мисол,
Кечириб кетасиз жимгина суйиб,
Бу илтифотлардан юрагим куйиб,
Хижолатдан аччиқ ёшим қуюлар,
Бу ҳол кеч кузакдай совуқ туюлар.
Тантиқ қизалоғин севган отадай,
Сиз кечиримлисиз, аммо хатодай,
Менга булар хато, қизиқ тасодиф,
Ё уқувсиз аёл йигирган бир ип
Мисол узилар-у тугайди тушдай
Ва мен нафас олгум бир эркин қушдай.
Олтин қафас ичра ортиқ йўқ чидам,
Сиз доно йигитсиз, оқилсиз жуда...
1972 йил 17 июль


* * *

Хоҳ арзи, хоҳ арзимагил, кўтараман юксакка,
Кўтараман тубанлигинг билан ҳам гоҳ қасдлашиб,
Сени шундай юксаликда жойлагандим юракка,
Юракдаги юксакликнинг бўйин бўлмас пастлатиб.

Шу юксаклик умри учун тикадурман йўқ-борим,
Аммо биласанки, мен ҳам ўчли, кучли бир найман.
Уринаман, ўшанда ҳам нурар бўлсанг, шунқорим,
Унда янги юксакликни кўкрагимда тиклайман.

Тақдиримдан бир ой янглиғ тамом кетарсан ботиб,
Яшолмайман мен кўксимдан юксакликни йўқотиб.
1973 йил 31 октябрь


МЕН СЕН БИЛАН ХАЙРЛАШГАН ТУН

Мен сен билан хайрлашган тун қаро эди, қаро эди,
Тун бағри бут, менинг бағрим яро эди, яро эди.
Тун бағрида қолсин дердим, кўрмасинлар, кўрмасинлар,
Кўриб биров росту биров рўё томон бурмасинлар.
Тилимга-ку ишончим бор, итоатсиз сўлса рангим,
Мен тингларман юлдузларнинг сукутинмас, шўх жарангин,
Ярқироқ ой шуъласида тол-тол бўлиб эшиларман,
Хушбахт дўстлар даврасига ўзим уриб, қўшиларман
Ва аччиқма-аччиқ туриб, бахтга қарши, бахтки барбод,
Бахтлилардан шиддатлироқ куйларман шод, куйларман шод.
Аминманки, авжим билан шу биринчи даврадаёқ
Ўзимга тонг яратарман, тонгим менинг отар оппоқ,
Тунда қолар дардим менинг, нурлар чаяр юзларимни,
Унутишнинг сели ювар, дилнинг армон, изларини.
Аччиқ ўйлар тўзонидан ўзни олиб чиқиб кетиб,
Бир гул янглиғ очиларман нур қўйнида жавлон этиб.
Ким ҳам билсин, сўкилган дил чокларининг битмоғини,
Баъзида гул ҳасратлардан ортиқ яшнаб кетмоғини.
Мен сен билан хайрлашган тун қаро эди, қаро эди.
1973 йил 17 февраль


БЕГИМ, СИЗНИ ХУДОЙИМ...

Бегим, Сизни худойим расо қилиб яратган,
Кимларнидир ўйчану сизни кулиб яратган.
Ногаҳон бериб қўйиб бу ақлни, камолни,
Ўзи ҳам рашк, ҳасадда тўлиб-тўлиб яратган.
Қия тушган нигоҳни армонга йўймагайсиз,
Қиз қалбига севмоқни осонга йўймагайсиз,
Қийнамангиз, у ўзи ўртангувчи бир бағир,
Бу бағирни кенгликда осмонга йўймагайсиз,
Сиз худдики Фарҳодсиз, Ширин қайдадир, бегим,
Орзуларим дилда-ю нолам найдадир, бегим.
Сиз десам бар тутқазмай сочилган ўйларимдай,
Бу тонг қаро сочларим майда-майдадир, бегим,
Сизни мен ўзимга ҳам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб.
Ўзга билан кетсангиз, равон йўллар қолмасин,
Бегим, иккиланмасдан ер юзин ташланг михлаб.
Михнинг, тиғнинг заҳрини сезмай ёниб бораман.
Ишқ зардобли шаробдир, қониб-қониб бораман.
Ҳеч ким билан сирлашмай, ҳеч кимсага тутмай май,
Ўз қоним билан ўзим алвонланиб бораман.
Ҳайратларда қотгайсиз мени кўрганда ул дам,
Ёнингиздаги совуқ сулувдан совурсиз ҳам,
Сизни обдон музлатгач, ўзим қайтарман, чунки
Бунгача йўқ садоқат, бундан сўнг ҳам бўлур кам.
Ўзга тортмам, чексам ҳам шунча жабру жафони,
Ўзгага ҳам бермасман, сиздек бир бевафони!
Бегим, Сизни худойим расо қилиб яратган...
1973 йил 17 февраль


БАҒИШЛОВ

Онажон!
Тезроқ бўл, тилларанг либосингни кий,
Оппоқ рўмолингни ўрагил бошга.
Қулоқ сол, чалинар мастона бир куй,
Нигоҳ сол, уфқда қизғиш қуёшга.
Уфқ ёнаяпти, куй бетиним инграр,
Борган сари қизир томиримда қон.
Кўзимда акс этар шўх оловли ранглар,
Ранглар тинчим олди бу кун, онажон!
Она!
Шу тонгда ҳам сен ташвиш билан банд,
Ун элаяпсанми, сен турақол, кийин.
Бу галча хамирни мен ўзим қораман,
Қуёш тандирида пишираман кейин.
Баҳорни қаршилаб куртаклар очар лаб,
Куртаклар яп-янги!
Оламни тутмоқда уйғонишнинг
Кулгусин жимгина жаранги.
Шу жаранг остида бўлақол, тортинмай,
Тилларанг либосинг ташла энгингга.
Ҳузурбахш, бу ҳаёт уззукун чалиб най,
Бор бисот, қувончин бахш этсин сенга.
Дўстларинг давраси чорлаётир сени —
Менинг оппоқ сочли Момо Ҳавволарим.
Уларга тақдим этмоқ керак
Тирик табиатнинг энг хушбўй исини,
Олча гулларию булбул наволарин.
Ҳамиша ҳам шундай:
Вақти йўқ уларнинг бирпас боққа кириб,
Гул ҳидлаб, булбулдан қўшиқ тинглашга.
Гарчанд шеъримизда қўйсак ҳам тиндириб,
Табаррук қилсак ҳам кўтариб бошга...
Дарвоқе, ўкинчнинг фурсати эмас,
Шу қуёш нурлари шўнғиган оқ сочлар,
Шу бизни деб ёна-ёна хира тортган кўзлар,
Шу қуёш сари авайлаб босилган
Кичик-кичик қадам-излари —
Сенинг изларингни —
Нондай кўзга суриб ўпаман!
Байрам билан қутлайман!
Мвнинг оппоқ сочли мунис фариштам,
Онам!
1973 йил 2 март


* * *

Сен менинг қалбимни этмадинг фаҳм,
Буни яшириб ҳам нима қиламан,
У ёлворар, мен ҳам қилмайман раҳм,
Мен унинг ишқидан куламан.
Рад этиб, қозониб муваффақият,
Менда қасд олмоққа туғдирдинг ният.

Мен-ку ногоҳ сени атадим тангрим,
Ногоҳ ҳузурингда қилдим-ку сажда.
Ўзим сезмай, дилда бир қўшиқ янграб,
Унда сенинг номинг куйланди авж-ла.
Шунда сен отдинг-у лоқайдлиқдан тош,
Ғавғоларда қолди севилмаган бош.

Энди мен эътиқод қилай нимага,
Кимнинг сири босиб, шошиб, қолай лол?
Эшкакчи бўлмаса агар кемага —
Денгиз, сайр орзуси — шунчаки хаёл.
Хаёлим сарсари, кўзларимда нам,
Ҳувиллаб турипти кимсасиз кемам.

У менга гиргиттон, эй ҳаёт — она,
Унинг илинж қалбин мендан совутгил,
Менинг севмаслигим қилмагил таъна,
У қушдай бегуноҳ, уни овутгил.
Яна тушунтирки, уринмасин ул,
Ҳеч туташмас йўлдир бизлар тушган йўл.
1972 йил 25 март


ИЛДАМ БОЛА

Илдам бола, тиши кемшик,
Катталардай ақлли.
Тагидаги қари эшак
Қистатади жаҳлини.
Ўзи-ку хўп илдам, дайди,
Чопса ўзар шамолдан.
Аммо эшаги юрмайди,
Боши қотган бу ҳолдан.
Куйинмагил, ҳой болакай,
Ўзни уриб, шошқиниб,
Сен чалганда сайроқи най —
Тошар кўклам тошқини.
Бош устингда тандир мисол —
Қизимайди чўл кўки.
Шаҳарларни қиларсан лол,
Одам бўлиб, сен ўқиб.
Ҳорган чоғи, қўй, олсин дам,
Шунда қолсин эшагинг.
Мен йўлингга лолалардан
Қизғиш гилам тўшадим.
Ҳув, қирда ҳам чайқалгувчи
Қизғиш дарё сеники.
Уни яланг оёқ кечиб,
Олдга талпин энтикиб.
Ортда қолар чўл бағри кенг,
Ўту эшагинг бари.
Дунё кезар ҳали сенинг
Темир оёқчаларинг...
Илдам бола, илдам бола...
1973 йил 24 апрель


МЕН ОРТИНГДАН ИЗ БОСАМАН

Мен ортингдан из босаман, қор кўмади, қорда гуноҳ,
Сен ҳақингда куйлай десам, узилар тор, торда гуноҳ.
Мактуб битай десам ногоҳ, синар қалам, синар қалам,
Кўрай десам булут тўсар ва зим-зиё бўлар олам.
Доим шундай —
Сен ҳақингда ўйлаганда, нимадир йўқ, нимадир кам,
Иккиланиб босилган йўл унмас экан, унмас экан!
Иккиланиб из босаман...
1972 йил 16 апрель


* * *

Биринчи гал у тошқинди «келгин, кела қол»,
Мен «йўқ»,— дедим, «йўқ-йўқ»,— дедим қилиб унга ноз.
Иккинчи гал, у хўрсиниб «кел», — деди беҳол,
Мен «йўқ!»,— дедим, мен яна «йўк>,— деб бердим овоз.
Учинчи гал, кутаяпман, чорламас, не ҳол —
Бутунмикин ишқилиб ул, ё синдими соз?!
1973 йил 16 июль


НОЗИК ГУЛГА АЙТГАНЛАРИМ

Сен бир гулсан, нозик гулим, ўсиб боряпсан бўй-бўй,
Ол қуёшнинг нурларига рўпарадир дудоғинг.
Шамоллар чанг пуркадими, сен эътибор берма, қўй,
Ёмғир суви ювиб кетар хираланса япроғинг.
Аёвсиз ўқ отар сенга суқли нигоҳ бариси —
Гўзал нарса тортар кўзни, қўрқма сенга кирмас суқ.
«Сен ўзингсан бу боғларнинг сўлиш билмас париси»,
Дейман-да, мен сўлмасликка бўлса ҳам ишонч йўқ.
Ким тиниқлик, ким мастликнинг кайфи билан кўз сузар,
Фарқ эт, дудоғингни тутма бола кўнглинг шод айлаб.
Ким эркини билиб-билмай нопок қўлга тутқизар,
Тобе бўлиб ўтиб кетар бу тузокда дод айлаб.
Бари мени ардоқлар деб ўйлайсанми, оппоғим,
Майли, шундай ўйлаб яша, думбулгинам, бир фасл.
Шундай хаёл қилардим мен кечаги кун, ёш чоғим,
Кейин тўфон қўзғолди гоҳ атрофимда муттасил.
Сен ҳам шундай, болажоним, гоҳ қуёш ҳам алдоқчи,
Барча ғунчанг очиб кузда қолма шийдам, яланғоч,
Эртанги кун изғиринлар сенга турганда соқчи,
Бирданига тўкилмасдан қайта-қайта ғунча оч.
Имкон қадар узоқ яша, имкон қадар чайир бўл,
Қуёш ўти, қор музига бўй бермагил, думбулим,
Бу ҳаётнинг қувончлари, ҳасратлари гарчанд мўл,
Барчасининг қуршовида порлаб тургил, жон гулим.
Лабинг буриб пичирлайсан, «Нима ҳожати бор-ди,
Шамол пурккан қуюқ чангдан хира тортиб қолдим мен».
Ҳозир ёмғир ювади бу бевақт қўнган ғуборни,
Яна тоза чиройингни ошиқлари бўлур минг.
Сен бир гулсан, нозик гулим, ўсиб боряпсан бўй-бўй...
1973 йил 16 июль


ШЕЪРИМГА

Мен сени китобга ёздим-у...
Пайт пойлаб китобдан чиқ, шеърим.
Сўкилган дилларни тик, шеърим,
Беҳуда ўртаниб ёздимми?

Мен сени китобга ёздим-у,
Изласам китобдан топмайин.
Гўдак бўл, мен узай қарзимни,
Онага айланиб қол, майин.

Китобда шеър ҳолда қолмасдан,
Омад бўл, ўйинда ютай мен.
Мард ўғлон кўзида айт достон,
Умрбод шу кўз деб ўтай мен.

Китобда қолмагин сен тиниб,
Ўжарлик, ўт билан кўтар бош.
Базм аро эшитай шовқининг,
Азада кўрайин, тўккин ёш.

Чиқа қол, китобнинг қатин оч,
Тайсаллаб бўлмагин аросат.
Боланинг кўзида бўл ишонч,
Улғайгач одамда фаросат.

Балки мен сен деб ҳам ўлмасман,
Ҳеч кимга ишонмас бисотим.
Мен сени баҳолай билмасман,
Сен менинг ҳаётим, ҳаётим!

Истамам, ҳаётни мен чиндан
Китобда йўқолса ими-жим.
Сарғаймай варақлар ичинда
Китобдан чиқади ҳаётим.

Мен сени китобга ёздим-у...
1973 йил 22 июль


КИЧИК ҚУВОНЧУ ШОНЛАРИМ

Кичик қувончу шонларим
Ўзи юриб келмади.
Ожиз титраган онларим
Ким дер мени: «сўлмади».

Кимдир қуёш юзин тўсса,
Армонларда сўлган мен.
Қирда гиёҳ бўйин чўзса,
Кўм-кўк гиёҳ бўлган мен.

Уйда куйлаш бўлмай тақдир,
Дала, тузда куйладим.
Юксак-юксак тоғлардадир
Чаппар урган куйларим.

Бу чарх урган куйларим гоҳ
Қушларни уйготдилар.
Гоҳ ғам билан чекишиб оҳ,
Тўлин ойдай ботдилар.

Куя-куя ярим, бутун
Юрак куйган ой бўлди.
Юрак — бурқсиб кетиб тутун,
Ўқ отилган жой бўлди.

Қушча янглиғ юрак тағин
Яраланди ўқлардан.
Юрак — тинчи йўқ гўдагим,
Бу кун сени йўқларман.

Нур дардида ким бўғриққан,
Ўлган бўлса қон тўкиб.
Бу қон бари сенга оққан,
Сенда қолгандир чўкиб.

Гуноҳсизлар қони балки
Лим-лим тўлиб ҳоритган.
Балки шундан қалқиб-қалқиб
Тез урасан ҳалитдан.

Гоҳ «эҳ, менга нима», — дерсан
Қўл силтаб нур, зиёга.
Аммо, юрак, сен шоирсан,
Сен масъулсан дунёга!

Дунё қалбин тинглаб ҳар дам
Бедор бўлган жон қушим,
Гоҳо беомон дардлардан
Бемор бўлган жон қушим.

Сенга соғаймоқлик даркор
Йил эмас, йўқ, кун сайин.
Чўққида ҳам гарчанд қор, қор...
Қўнажаксан сен тайин.

1 Оёқларинг темирдандир,
Танинг темир, жон қушим.
Не темирни емиргандир
Гоҳ разиллик мук тушиб.

Аммо сенга бергай у тан
Емиролмай тиш билан.
Сен бақувват тортажаксан
Куйлаш билан, иш билан.

Демак, ўқлар тинар бир кез
Дунё олажак ҳордиқ.
Кўксимдаги қуш ҳам тез-тез
Ўқ еб қуламас ортиқ.

Турналар учаркан баланд,
Нур ёйиқ у пайтлар мен,
Гуркираган юрак билан
Соғлом қўшиқ айтарман.

У кунларни куйласин най,
Ерни майса беркитсин.
Юрак, сен ҳам тезроқ соғай,
Жароҳатларинг битсин.
1973 йил 20 февраль


ХАЁЛЛАРИМ ПАРДАЙ ТЎЗҒИР...

Планета, тўхта, мен сендан
тушгим келаяпти.
Гамлет Карчикян.

Хаёлларим пардай тўзғир, бу узун тунда
Бошим узра савол бўлиб эгилади ой.
Минг, миллион одам сиққан қадим заминда
Нега инсон бир ўзига гоҳо топмас жой.

Яхши-ёмон яшар ахир, яшар тоғу тош,
Яшарлар-ку гоҳ эътироф, эътироз этмай.
Нега олиб кетмоқ истар биргина у бош —
Қай бекатда тушмоқ истар манзилга етмай.

Ким моҳирлик билан чалса бу дунё найин,
Ким дунёни жуда эрта ололса таниб,
Бу дунёнинг кенглигини англаган сайин
Англарми ё бу кенгликка сиғмаётганин.

Одамлар бор кенгми, торми кетар жойлашиб,
Суқилишиб кимларнингдир ҳақли жойига.
Кейин дунё дарёлари кетмасми тошиб,
Ухлар улар сув теккизмай ҳатто пойига.

Бунда улар кирадилар турфа шаклга:
Чўзилишиб арқон бўлар, юмаланиб — тўп.
Баъзан унинг инсонлиги сиғмас ақлга,
Хуллас калом, пасткашликнинг нусхалари кўп.

Майли, булар ўз йўлига, хаёллар суриб
Улуғлайман мен кенгликка сиғмаган жонни.
Ўз кичкина қалби билан беором юриб,
Балки оромга элтар ул катта жаҳонни.

Аммо кўллар ҳосил бўлар томчи-томчилаб,
Айнан кўлни кўрмагунча гоҳ бетоқат биз.
Баъзан доно беҳол юрса ақлин қамчилаб,
Уни далли-девонага айлантирамиз.

Ота дунё, бу ўйларни ўзинг ҳал қил, еч,
Болаларинг эҳтиёт қил ҳар чўпдан, хасдан.
Лоқайд бўлмай шаршаранинг тоза сувин ич,
Билиб-билмай кимдир уни лойқалатмасдан.

Сенда тирик яшамоқнинг шавқ, ҳасрати мўл,
У яшар гоҳ яйраб, гоҳо титраб, увишиб.
Сен бир поезд, огоҳ бўлки, сендан силтаб қўл,
Манзилига етмай кимдир кетмасин тушиб...

Менга ҳам ёқмас отага ақл ўргатса қиз —
Ўгит эмас — орзу булар, кўнглигата етсин.
Токи бирорта фарзандинг йўқолмай беиз —
Ҳеч бўлмаса, бир дарахтинг кўкартиб кетсин.

Хаёлларим пардай тўзғир, бу узун тунда...
1973 йил 1 январь


ЕЛКАН

Уммон сари елкан кетди,
Аммо ортга қайтмади.
Куйи унинг қайда битди,
Ҳеч ким келиб айтмади.

Айтмадилар, ўтди кун, ой,
Йўқ елканнинг дараги.
Қайга ғойиб шиддат, чирой,
Елкан — мардлар юраги.

Бир мақсад, деб тун-кун юриб
Улар азоб чеккандир.
Аро йўлда бўрон туриб,.
Балки сувга чўккандир.

Балки йўлда адашгандир
Тўфонларда саргардон.
Қарғамаса машъум тақдир,
Балки қайтар бирор он.

Қайтмаса ҳам эзмас армон,
Янграр юрак нидоси.
Бир мақсадга фидойи жон,
У бир мақсад фидоси.
1973 йил 2 март


ЮРАГИМГА

Ёмғир бўлиб ёғиламиз биз,
Шамол бўлиб шошқин эсамиз.
Кўклам бўлиб кимга очиб юз,
Пичоқ бўлиб кимни кесамиз.

Маъсум, апоқ-чапоқ ким билан —
Кетажакмиз кўнгил тўқ бўлиб.
Кўтарамиз кимнидир баланд,
Кимга санчиламиз ўқ бўлиб.

Яшарканмиз осмон остида
Бунинг бари бизга келур дуч.
Сен додламай менинг дастимдан,
Нимжон юрак, топа олгин куч.

Биламан, сен гулдай нозиксан,
Фақат гуллик этмас мени шод.
Юксакларга уча ол тик сан,
Пайдо қилиб темирдан қанот.

Яшамоқда кўпдир сафо, дард,
Дамлар келар тошни емиргай.
Сен гулдайин узилмасдан шарт,
Пайт келдими, айлан темирга!

Қайси бир дам патдай тўзийсан,
Ола олгин қайта йиғилиб.
Алангада мисдай қизийсан,
Гуллигингдан қайта туғилиб.

Ўзингники ўзингда доим,
Сен онадан туғма, нозик гул.
Аммо турсанг назокатли, жим,
Баъзан ном қўйишар сенга «гўл».

Бу асрда гуллик ўзи кам,
Темирликни эт ўзингда жам!
1973 йил 2 март


* * *

Сени кимлар қилмайди талаш,
Кимлар юрмас ортингдан дайдиб,
У кўп кўрган меҳр, эркалаш —
Бошқаларга насиб бўлсайди.
Бор гап шунда, ўзгалар сени
Ардоқлашга топмайди имкон.
У ҳаттоки сезмас ҳиссингни —
Интиқ қалбга тўлдирадир қон.
Шу қон билан яшайсан бесўз —
Умидингдан кутиб тантана.
Ўнгда кўрмай хира тортар кўз —
Тушда кўриб шодмонсан яна.
Умр ўтмоқда шу хил фараҳсиз —
У ўзига кўрмас сени эп.
Бирни ўйлаб яшарсан бахтсиз,
Мингта бахтсиз яшар сени деб.
1972 йил 17 июль


* * *

Сиз билан миннатдор хайрлашаман...

Неники шароб деб ўйлаб югурдим,
Сароб бўлиб чиқиб, қоқилдим йўлда.
Қаердаки кўм-кўк жаннатни кўрдим,
Учиб етгач ҳайрон, тентидим чўлда.

Нени ой деб ўйлаб, кўзимни тикиб,
Заррин шуъласига юз тутдимки зор,
Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб,
У отган ўқлардан кўксим ярадор.

Неники мангу деб ушлаган пайтим,
Баликдай сирғалиб чикди қўлимдан.
Ортиқ олди, аммо бермади қайтим,
Савдогарлар чиқиб баъзан йўлимдан.

Қай боғ қоровулин ғафлатки олди,
Боғни талон этар ўғрию каззоб.
Бу кун дармон кетиб тизларим толди,
Сизки ёнимдасиз, ёнимда азоб.

Ким мен кушча мисол талпинган дамим,
Қарғадай хўмрайиб ташлади назар.
Бу кун уларда бор ўчим, аламим,
Бу кун мен улардан қиларман ҳазар.

Ишқингиздан қолди юрагимда доғ,
Англадим ишқингиз ўтсиз эканин.
Порлаб кўринган гул бўлди-ю янтоқ,
Кўнглимни қон қилди унинг тикани.

Агар ишқингизда бўлса эди ўт,
Бу қора қуюнлар қилмас эди кор
Ва менинг қалбим ҳам қолармиди бут,
Минг битта балога бўлмай гирифтор.

Бу чигал хатолар тўйдирди жуда,
Тилагим оқ, сизга дуч келсин бахт, шон.
Аммо менга айтинг бир оғиз видо
Ва узилсин бизни боғлаган арқон.

Сиз билан миннатдор хайрлашаман...
1973 йил 26 март


ЮЛДУЗЛАРНИ ОСИБ БЎЛМАС

Кеча баҳор...
Боғда олма гуллаган эди.
Бугун-чи қор —
«Қор хат»га туширар ким кимни.
Кечаги кун
Онам мени бешигимга белаган эди,
Бугун бешикка мен белайман ўғлимни.
Ўқларнинг дуди-ку, ўқларнинг дуди —
Офтоб тиғида қорайишимни истамас онам.
Ана у, невараси — оппоқ ўғилчани
Боши узра тутиб
Кўз-кўзлар бу дам.
Шулар учун
Беҳудага сарфламайин қалб кучин,
Дунё ичра дунё қадар балқимоқ —
Чарақлаган юлдузларни кафтга олмоқ керакдир.
Юлдузларнинг уруш кўрган рўзғорлардай тўзишини
Ва мўлтираган кўзларда аччиқ ёшлар сизишини
Кўрмоқ учун —
Васвасага тушиб қолиб, кимлар нотинч юрадир,
Кимлардир дор қурадир —
Юлдузларни осмоқ қасдида!
Ерга тушган ним қизил олмаларни —
Ҳилолдек-ҳилолдек болаларни
Оёқ билан босмоқ қасдида улар...
Қарши турмоқ керак!
Сўнмас қуёш сингари ёниб —
Бир-бировга
Ўзингга инонгандай инониб,
Гўдак севгисининг ниҳояси йўкдир,
Оқсоч оналаримизни гўдак меҳри билан ардоқлаб, суйиб,
Завқланиб, куйиб, яшашимиз керак.
Шундай яшайликки,
Бизнинг шу уруғ ундирадиган —
Шу ҳали гўдакни авайлаб ўстирадиган
Майин қўлларимиз
Ёвузлар бўйнига чайир сиртмоқ бўлиб тушсинлар.
Токи ваҳший иймонга келсин...
Ахир, ахир болаларни босиб,
Юлдузларни осиб бўлмайди!
1972 йил 12 август


* * *

Тўсатдан кўзимга тушди чўп,
Йўқотдим хушбўй гул исини.
Севгилим, ўртанма, ёнма кўп,
Қайтадан топмасман мен сени.

Тўсатдан кўзимдан айрилдим,
Кўзсиз ҳам яшар-ку одамзот.
Агарчи йўлларда тайрилдим,
Аввалги шиддатда сурмам от.

Атрофда сукунат, бир совуқ,
Жимлик... йўқ, тўполон, тўполон.
Сен келма, бўлмагин чирмовуқ,
Усиз ҳам бу дардлар олар жон.

Энди мен
Дилимга «тош бўл», — деб айтаман.
Сенга ҳам тилайман тўзимни.
Ахир ким кўрган кўр қайтадан
Топганин йўқотган кўзини.
Тўсатдан кўзимга тушди чўп.
1973 йил 8 октябрь


БИР АЁЛНИНГ КУНДАЛИГИДАН

Бола эдим, бир кун ёзгим келди тўлиб,
Ғалати, ўт тушиб ёнгандай ичим.
Кемтик тиш ўртоғим лой кўтариб келиб,
Олиб кетди мени «нон» ёпмоқ учун.

Ёшлик йиллар эди, сочим белга тушган,
Ёзгим келди бир кун сершиддат, ғолиб.
Кузак эди чоғи, буғдой авжи пишган,
Буғдойзорга кетдим чалғини олиб.

Қайси бир йил эди, ўз-ўзимдан ҳузур
Қилиб бир тонг аста дафтарим очдим.
Онам кириб деди: «Совчи келар ҳозир»,
Кийикдайин ҳуркиб панага қочдим.

Кейин... бир кун билмам, ненингдир хаёли
Банд этиб дарчадан тикилдим узоқ.
У деди: «Жон қушим, суюкли аёлим —
Туюлмаяптими уй сизга тузоқ?!»

Шундай. Кетаяпман юрагимда гоҳ-гоҳ
Янграб, секин-секин сўнмоқда нидо.
Ҳар бир шеъримни мен туғилмасиданоқ
Атрофдагиларга қилганча фидо.
1972 йил 22 май
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:06:19
- «СУЯНЧ ТОҒЛАРИМ» ТЎПЛАМИДАН -
(1976)

Истамайман, ризқим менинг бўлмасин ярим,
Порлаб ёнгай ё ногоҳда сўнгай кўзларим.
Яшай билмам қувониб ё гам чекиб кам-кам,
Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам.


СИЗ ЙЎҚЛАБСИЗ...

Сиз йўқлабсиз «меҳр кўргизиб,
Келмаслар», — деб армонли.
Сиз бош эгиб йўқлайсиз-у
Аярмидик биз жонни.
Шундай йўқлаб келгандик бир,
Тополмадик, на илож,
Кийдирмоқчи эдик ахир
Бошингизга бахтдан тож.
Йўлингизга алвон-алвон
Чечак сочсак дегандик.
Умр боғида шўх-шодумон
Ғунча очсак дегандик.
«Айтсам, рад этса, қўйса чек»,
Андишангиз эшитиб,
Биз ўзимиз очмоқ бўлдик
Толеингиз эшигин.
Излаб келсак, мана, йўқсиз,
Ғурурли дил хомталаш.
Қайтмоқдамиз йўл шукуҳсиз,
Қайтмоқдамиз кўнгил ғаш.
Ўч ҳиссими кўзда қалқир,
Бир лоқайд, бир хотиржам.
Эртанги кун йўқлаб балки,
Сиз топмайсиз бизни ҳам.
1977 йил 14 май


* * *

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз,
Биз юрган сўқмоқни ўт-ўлан босди.
Юлдуздай икки ён учдик иккимиз,
Нурга ғарқ бўлганда юлдузлар ости.
Бу оқшом оламни нурга ғарқ этди,
Туташ юракларни, аммо, тарк этди.

Ёнма-ён турмаган мисоли учдик,
Абадул-абадга менсиз яшайсиз.
Кузатар эмишсиз суратимни лек,
Йўлга умид билан нигоҳ ташлаб сиз,
Қорасин кўрсатмас, — дер эмишсиз лол
Йўлдан изларимни супурган шамол.

Тушуниб-тушунмай бахт ошиёнин
Тарк этдик, қайтадан учиб бормасмиз.
Ва амин бўлингки, чиқса ҳам жоним,
Кетганим кўчадан солмагайман из.
Билмассиз лек ниҳон Сизни кўрганим,
Дунёга сиғмай шод, маъюс юрганим...

Интиқ туйғуларим, ўйларим маним
Ўжар ғуруримнинг қурбони бўлур.
Умрим сўнгигача Сизнинг эканим,
Шу ўйим, куйимни ёритгувчи нур.
Бундай тоқ ва лекин пок севолгай ким,
Бу тақдирдан зарра зорим йўқ, бегим!

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз...
1974 йил 14 май


* * *

Ҳар ўлимда тириклик бор,
Ҳар тирикликда ўлим.
Шундай экан ғам не даркор,
Ҳасрат нега, булбулим.

Ўтаркан кўклам, ёзимиз,
Етарканмиз қор, оққа.
Янграй-янграй овозимиз
Маҳкум экан тинмоққа.

Бас, янгратиб дил созини
Толамиз биз унгача,
Ўлмасликнинг қоғозини
Оламиз биз унгача.

Қасдма-қасд, шавқ қучоғида
Яйра, яйра, жон қушим.
Қизил гулнинг бутоғига
Ёзиб қўйгин ўнг, тушинг.

Куйлай-куйлай баравж, баланд
Бир кун ногоҳ тўхтаймиз.
Ва уйғонмоқ шавқи билан
Мангу қотиб ухлаймиз.
1974 йил 8 май


* * *

Атиргулга ўхшармиш бўйим,
Атиргулга айланмоқ ўйим.
Ўйим — қизил гулга айланмоқ,
Нигоҳларга суйгун бойланмоқ.
Фақат дилда бир хаёл, бир дард,
Мен гул бўлсам кимдир узар шарт,
Сўнг қайси бир гул қўлга учраб,
Сўнг сўламан гултувак ичра.
Барчасига ақлим етса-да,
Ваҳималар ўйим титса-да,
Тез сўлмоғим сезиб турсам ҳам,
Қийноқлардан безиб турсам ҳам,
Хоҳ хушбахт, хох бахтсизга йўйинг:
Атиргулга айланмоқ — ўйим.


* * *

Сен булоққа сир айтма, бас,
Айтсанг, вазмин тоққа айт.
У булоқдай чулдирамас
Келса ҳам энг оғир пайт.

Гап билан иш битиргувчи
Булоқни чиқар ёддан.
Тонгга, тунга жим киргувчи
Тоғ билан сирлаш, шодлан.

Биз ҳам гарчанд кўксимизда
Булокдай шўх юракдир,
Аммо тилга — кечмоқ сўздан
Тоғ сукути керакдир.

Бардошда мен тоғларга тенг,
Сабри тугаб куйлар най.
Менинг тилим минг дардимнинг
Бирин шарҳин айтмагай.
1975 йил 6 февраль


ЮРАК ЁНАР

Юрак ёнар, туйғуларим мастона, дайди,
Тошаётир, эҳ, бу қалам нега ёзмайди?
Халал берманг, синдираман икки букиб шарт.
Юрагимдан қўшиқ бўлиб учар шавқу дард.

Шавқларимни этагидан қолмаса тутиб,
Ўйларимнинг қуюнини шеърга беркитиб,
Қўлимдаги қуролимдан кўрмасам қадр,
Ёзилмасдан чириб битсин кўнглимда сатр.

Ишонч билан кўксимни тик кўтарган чоғда
Шу қаламдай дўст ҳам мени қолдирса доғда —
Шу фурсатдан мен дегайман унга хайру хўш,
Энди оралиқ арқонни қўйиб бўлмас бўш.

Таранг тортгум, ё дош бериб менга тургай тан,
Ё узилиб йиқилгаймиз икков юзтубан.
Кимга берсам бердим дилнинг бор ишқ, бор ўтин,
Ўзимнинг ҳам олгим келар албатта бутун.

Истамайман, ризқим менинг бўлмасин ярим,
Порлаб ёнгай ё ногоҳда сўнгай кўзларим.
Яшай билмам қувониб ё ғам чекиб кам-кам,
Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам.
1974 йил 2 май


ЎЗБЕКИСТОН

Сулув Сибир қайинлари кўк япроғу оқ бадан,
Тоболскда мушоира, шоирлар созлайди соз.
Бу гўшангга бир қушчадай мен ҳам учганман, Ватан,
Кўрдим бунда дўстликни мен қандай қилурлар эъзоз.

Навбат бериб дедиларки «Ўзбекистон сўзлайди»,
Она юртим, мени сенинг тимсолинг дедиларми?
Онам, сенинг «юзинг»ни деб улар мени «сиз»лайди,
Йўқса бу ғўр шоирингни туш кўриб эдиларми?!

Ҳали отам туғилмасдан машҳур эдинг, Ватаним,
Зукко боболарим қўли Сени зарга ўради.
Дунё сени Улуғбекнинг юрти деб суйиб таниб,
Суйиб сендан сўз очсалар — Навоийни сўради.

Фурқатингнинг фиғонидан Ёркентни тутди тўзон,
Гангнинг қирғоғида Бобур сени ёдлаб оҳ чекди.
Улар ғазал битдилар-у юраги бўлиб сўзон,
Соғинчларин уруғ мисол ўзга тупроққа эқди.

Соғинч куйин тинглади-ю сергак дунё қулоғи,
Сени эсга олди, Ватан, олиб қасос, ўчини —
Яна эсга олди шундай Тўйчибек ўлган чоғи,
Кўксин тутиб, ажал сочган тўп овозин ўчириб.

Наъматакка айланди-ю устоз Ойбек ижоди,
Қояларда гулга кириб, ол қуёшга қўл чўзди.
Устоз Ҳамид кўзларини ғойибдан тиклар ёдим,
Кўзки, нури «авлодга» деб қуёш ёққа йўл чизди.

Шайхзода баёзида қомат тикладинг бўй-бўй,
Ғафур Ғулом наърасида юксаклигингни кўрдим.
Айтаберсам... ортиқ сўзга ҳожат борми. Энди қўй,
Улар бари кенг дунёга сени эслатди, юртим.

Бир вақтлар ҳам деганлар-ку: «Ўзбекистон сўзлайди!»
Шунда улар сўзга чиққан — менга бобокалонлар.
Ўша пайтлар бу минбардан тушган экан сўз айтиб,
Ҳали-ҳануз бу сўзларни такрорлайди замонлар.

Мен нима ҳам дей олардим, бундай пайтларда тиниб,
Сўз айтмоққа шошмай, ўйга ўйларимни улайман.
Бир-бир босиб минбар сари борарканман қимтиниб,
Боболарим шиддатидан бир чалимин тилайман.

Боболарим сўзи Сени юксалтирди қуёшга,
Тўфонлардан қўнган гардни рухсорингдан сидириб,
Мен ҳам шундай ўтажакман Сени кўтариб бошга,
Шаънингга лойиқ бир сўзни умрим бўйи қидириб.

Ўзбекистон, бошгинангдан қуёш абад нур тўкиб,
Дориламон кунда яша, бор экансан токи Сен.
Тонготарда тупроғингга эгиламан тиз букиб,
Сен қуёшга қўли етган боболарим хокисан.
1974 йил 28 май


БОЛАЖОН, СЕН ОТАМ БЎЛГИН

Улуғбекка

Болажон, сен отам бўлгин,
Қилгин менга оталик.
Кечирмоққа Ҳотам бўлгин,
Ўтса мендан хатолик.

Мен-ку Сенга онадирман,
Онамасман тўзимга.
Гоҳ ўзимдан тонадирман,
Гоҳ келурман ўзимга.

Йиғламадим мен тўйганча,
Кўз ёшимни ютдим жим.
Билмам унда кулгу қанча,
Куйиб борадир кўксим.

Сен кулардинг, кулардим тенг,
Гарчанд, гоҳ ёш ичардим.
Сен йиғласанг кулгум менинг
Ўз-ўзидан ўчарди.

Шундай ўнгу тушлар билан
Қувонч-ғамим қатланди.
Кетайин деб қушлар билан
Неча қайта отландим.

Аммо кетолмадим учиб,
Боғлангандинг худди ип.
Раҳмат, боғлаганинг учун
Сен дунёда туғилиб.

Энди ўзинг ҳал қил, тушун,
Кечар экан ҳаётим.
Кўнглимдаги учқур қушим
Қоқиб қолса қанотин.

Шўх қуш бўлиб, солиб чаҳ-чаҳ
Чаманларга бўйлансам.
Гоҳо бевақт уриб қаҳ-қаҳ,
Гоҳо бевақт ўйлансам.

Бевақт сархуш, маъюс юриб,
Вақт қўшиғин айтарман:
Кетажакман чаппар уриб,
Чаппар уриб кайтарман.

Сен тушунармикансан, о,
Мен гоҳ камон, гохи ўқ.
Қилганларимда илтижо,
Берганларимда буйруқ.

Мен она бўлай деб ҳар дам,
Умрим ўтди излаб йўл.
Энди Сенга болалик ҳам,
Болакайим, кўп мушкул.

Сабру тоқат битса танда
Толдириб гох қайғу-шон,
Мен гўдакка айланганда
Оталик қил, болажон.
1975 йил 12 апрель


ҲАЁТ БИЛАН СИРЛАШУВ

Қўғирчокдай қилиб-ку яратган эдинг ўзинг,
Мунчоқ қошу кўзимга ҳавасларни келтириб.
Порлай бошлаганида кўзим — ёруғ юддузим,
Нега энди ногоҳда унга армон тўлдириб,
Кўзларимнинг ўтини сўндираяпсан нечун,
Мени қарз тўламоққа кўндираяпсан нечун?

Ҳаёт, сендан ҳеч нарса қилмовдим-ку илтимос,
Ўзинг очиқ қўл билан бердинг ишқ, ўт, қалбу куч
Ёлғон-ёлғон деб юриб энди деганимда рост,
Йўқотган севгим мисол азобларга этиб дуч,
Ўзим билан андармон масрур, маъюс пайтларим,
Берганларинг сездирмай олмоқдасан қайтариб.

Қулф урган кўкатлар йўқ, қундуз қошим тўкилар
Изғиринлар совутар қизиётган танимни.
Нега, нега сарв қаддим савол бўлиб эгилар,
Унутиб қўйиб баъзан қарз тўлаётганимни.
Ниҳон бериб олмоқдан куйдирмоқми муродинг,
Авраб кузнинг либосин кийдирмоқми муродинг?

Йиллар оша сезилмай кенг келиб қолар узук,
Беш-ўн қадам йўл юрмай юракда гурс-гулдурак,
Бундай пайтларда, ҳаёт, айтмаганинг ҳам тузук,
Ёрилиб кетиши бор сени севгувчи юрак.
Гарчанд, ичиб юрса ҳам қисмат шаробин тахир,
Сўқирга «кўрсан» десанг кўтаролмайди, ахир.

Майли, берганинг айтма, айтма олганингни ҳам,
Бир лаҳза яшасам ҳам, яшай сархуш, маст бўлиб,
Токи бир кун умримга кўз ташласа набирам,
Гуркираб кўринсин ул, ишқ бўлиб, ҳавас бўлиб.
Йиғар экан умримнинг шавқига кетган эсин —
«Сурур билан яшабди ўз умрин энам», десин.

Истайманки, авлодим яшасин билмай ҳадик —
Кўрар куни, келгуси равшан бўлур ойдан-да.
Ўз ўтмиши билан ҳам кўкрагини тутсин тик,
Ўз насаби билан ҳам ғурурлансин майдонда.
Қарз тўлаб, шу орзулар амалга ошгач дуркун,
Гуллаган оқ олчага айланиб қолгум бир кун.
1974 йил 27 май


МЕН ШУ ТУПРОҚ КУЙЧИСИМАН

Мен шу тупроқ куйчисиман, ким айтар: «Тинар!
Қайси бир кун гуллаган шох мисоли синар».

Синсам агар, яратмоқдан толса тафаккур,
Милт-милт ўча бошласа гар юрагимда қўр,

Қалам тушса қўлларимдан етмай бардошим,
Фикрларнинг шиддатидан толиқса бошим,

Бир «оҳ» тортиб ўзни яна қайта тиклайман,
Мен шундай, ҳа, синганда ҳам куйловчи найман!

Қаламимни сўнг бор ўпиб, олурман кетмон,
Аммо ўлгунча ёзмоқни бир он тарк этмам.

Гарчанд тафаккурни туғён чарчоғи енгди,
Чинаками ер шоири бўларман энди.

Дафтар бўлар бир кун келиб жон сингар шу ер,
Дириллаган кўк майсалар — янги ёзган шеър.

Гарчанд, гоҳ дам «синдимми», деб кўзим ёшлайман,
Учлик билан кетмонимда ёза бошлайман.

Езаман мен, ернинг оҳи тина боради,
Сочган уруғларим қийғос уна боради.

Мен ёзаман, қота бошлар бошоқлаган дон,
Бут ризқи рўз суруридан ойдай балқар жон.

Уддабурро қўлларимдан мен тамом рози,
Қийналмасдан чалар улар, тутсам қай созни.

Мен ёзаман, кетмон билан бетин ёзаман,
Дашт, тепалик, қумга бирин-кетин ёзаман.

Ер юзида мен ёзмаган ер қолмас балки,
Ва оқибат, ёзувларим билан тенг балқиб,

Қадим ерда сўниш билмай порлаб кетгум мен,
Қай қуролни ишлатсам ҳам ёзиб ўтгум мен.

Мен шу тупроқ куйчисиман.
1974 йил 24 май


ҚИЗЛАР БИЛАН СУҲБАТ

— Айтинг, қизлар, очиласиз гул бўлиб қачон,
Нима сизни талпинтирар азалдан-азал?
— Биров эшитмасин, билсанг, бизда қолмас жон
Йигитнинг шўх кўзларида ўт ёнган маҳал.

— Қачон сезилмас ҳаётнинг бутлиги, ками,
Қўлингизда ечилади осон ҳар чигал?
— Нима бўпти, бу серғавғо дунёнинг ғами,
Йигитнинг шўх кўзларида ўт ёнган маҳал.

— Қизғиш тортиб, ҳуснингизга қўшилиб чирой,
Шаддодлиқдан тийиласиз қайси пайтда сал?
— Майинлашиб биз бегуноҳ ой бўламиз, ой —
Йигитнинг шўх кўзларида ўт ёнган маҳал.

— Қачон нурли, рўё тушлар келаверар рост,
Бор муаммо, ўз-ўзидан бўлаверар ҳал?
— Ишни қўйиб биз туну кун қилганда пардоз,
Йигитнинг шўх кўзларида ўт ёнган маҳал.

— Қачон қуриган жилғадай қоласиз тиниб,
Қора тунда ёруғликка бўласиз маҳтал?
— Йигит бизни ардоқлашни унутган куни,
Йигитнинг шўх кўзларида ўт сўнган маҳал.

— Қачон хазонрез боғларга келасиз кириб,
Кўтара олмай чўкасиз қайғу тошини?
— Биз йигитни тополмасак тўрт ён югуриб,
Биз ёстикда кўрсак унинг азиз бошини.

— Қачон қоп-қора кийимда ўлтирасиз тоқ,
Чидаб бўлмас сиз кўтарган нолаю додга?
— Йигитнинг шўх кўзларига тўлганда тупроқ,
Биз йигитни йўқотганда абад-абадга.
1975 йил 10 февраль


ҚЎЛ ҲАҚИДА

(урушдан қўлсиз қайтган Темир аканинг шеъри)

Сизда не бор, Сизни этмас лол,
Кўп бежирим қўлларингиз бор.
Мен ўтяпман, майлийди қўпол —
Бўлса ҳамки битта қўлга зор.

Одамларга суқланмай пастдан,
Кирмоқ бахт ўз эшигинг очиб.
Жангдан қайтгач, қўлим тегмасдан
Оқ қор бўлди кампирим сочи.

Ой нурида шуълаланар барг,
«Силай», — дея дилим куйинар.
Дил куяру бу армон, бу дард
Томчи-томчи ерга қуйилар.

Тушда биров менга қўл бермиш,
«Ҳайҳот, шу қўл менгами», — десам,
Ёнда қўшним хўмрайиб дермиш:
«Умрингда қўл кўрмаганмисан?»

Мен дермишман: «Хаста юрагим,
Чида, чида, чиқай чеккага.
Бу сўрокдан қололмайсан жим,
Фақат бўлинмагин иккига».

... Қўл бор эди, қўлки баайни —
Гурзи, тошлар кукун кучидан.
Сув сотмасдим сендай, оғайни, —
Соябонли катак ичида.

Ҳа, ҳа, менинг қўлим бор эди
Ойлар, йиллар битмас қадоғи,
Қўлларимда кетмон тор эди,
Куйларди у ишлаган чоғим.

Гуллар эди умрим чамани,
Қўл кучимни тупроққа қорса.
Сенинг эса қўлингдан, қани, —
Лоақал бир гиёҳ кўкарса.

У қўл шошқин, от қўйиб, суриб,
Бир тийиндан йиғмас эди пул.
Майин-майин саҳарлар туриб,
Ўтқазардим майин-майин гул.

Боқма менга ҳайрон, ачиниб,
Кўзларимдан сачраса ўтлар.
Тўласин, — деб эркнинг божини
Икки қўлим кесдилар итлар.

Керак пайти берганман борин —
Йўқлигимдан қилма киноя.
Сақламоқ юрт, онамнинг орин,
Шу бўлганди мендаги ғоя!

Уйғондим-у тортдим сал хомуш,
Қуёш хурсанд нур тўкарди мўл.
Мен туш кўрдим, қўлим бор эмиш,
Сизникидай ўктам, икки қўл.
1974 йил 12 февраль


ҲАМҚИШЛОҚЛАРИМ

Сизни соғиняпман, кўзим қароқлари,
Ҳамқишлоқларим!
Сизга сиғиняпман, кўнглим чироқлари,
Ҳамқишл оқларим.
Сиз кетмасин десангиз мени
Тоғ мисол нураб,
Қароқларим,
Тортмангиз хира!

Шу қароқлар бўлди менга кўз,
Шу қароқлар тил.
Қарздормиз улардан бесўз,
Эй мастона дил!
Отларининг қулоқлари орасидан шўх
Беҳишт шамоли
Эсган шамол мисол, чавандозларим,
Сиздан бир нафас ҳам айрилганим йўк,
Қаҳратонда ҳам
Кўнгли ёзларим!

Ҳамон кечқурунлар чангли кўчалар
Туёқ дупурлари, мол билан тўлса,
Болалар чопарми кўтариб таёқ...
Болакайлар таниш,
Шу йил ва ё шу ой туғилмаган бўлса
Уларни танийман бир кўришданоқ.
Бу Санамнинг қизи, 6у Султонники,
Аралашиб чопар менинг ҳам ўғлим.
Уларнинг жовдироқ кўзларига кўз тикиб,
Ёришиб кетади, ёришиб кўнглим!
Қўлин тизга уриб қаҳ-қаҳ отган чоғи
Соқоли селкиллаб қийқирган чоллар,
Мева тугаётган қийғос гул бутоғи —
Кўҳна боғлардаги жажжи ниҳоллар...

Юзи қизғиш, олча гуллари тусида,
Ҳуркак кўзларида ийманиш, ҳадик —
Келинчак юради қайнота кўзига,
Қайнона кўзига қарай олмай тик.

Қозикда отамнинг сирдош, саман оти,
Отам кетгач у ҳам чўкаётгани,
Айвонда онамнинг хаёлларга ботиб,
Қилич қоқиб, ўрмак тўқиётгани;

Тағин енгил тортиб, илиқ кўкламги кун
Мен учун ўсмалар эккан дамлари,
Кўзойнагин тақиб укам оти учун
Шошиб эгар жабдуқ тиккан дамлари...

Булар
Ўчмас тамға мисол дилимга босилган,
Парвона айланган она қишлоққа.
Гўдаклик чоғданоқ
Дилимда саноқсиз қўшиқлар ёзилган,
Энди кўчиряпман мен уни оққа.
Сизни соғиняпман, ҳамқишлоқларим!
1974 йил 12 фераль


УЛУҒБЕККА КЎЙЛАК ТИКДИМ

Улуғбекка кўйлак тикдим, саҳар туриб, суюниб,
Болам кийгач учиб-қўниб капалакка айланар.
Бошқача шарҳ этолмадим ўз кўнглимнинг куйини,
Дилим тинган пайтлар менинг қўлим куйга шайланар.

Кўрсин, дедим, бола ахир оламни билмас унча,
Кўрган кўпроқ онасининг китоб титган чоғини.
Онасининг қўлларига ёзишдан ҳам, кўпинча
Пишиқ-пишиқ қатим тортиб тикиш ярашмоғини.

Кўрсин дедим, нон ёпдим сўнг тонгги сутга йўғириб,
Сут, дон таъми, қўл таъмини туйсин дедим болажон.
Кўз ўнгимдан кетмас ахир, онам ҳар саҳар туриб,
Биз тургунча тандиридан узганлари иссиқ нон.

Эгар-жабдуқ тикиб, кейин ўтқазайин Ғиркўкка,
Қамчин тутай, бола ўзи эпласин сўнг у ёғин.
Учсин бола бобосини чиқармай деса йўққа,
Ғиркўк ахир асл отимиз — Ғиротнинг бир туёғи.

Отам-онам менга мерос ўргатган бўлса неки
Бирини ҳам унутмайин ўтказаман ўғлимга.
Отам асов отни қандай олар эдилар эгиб,
Онам қай ширин тил билан кирардилар кўнглимга.

Ўргатаман, аммо бу иш кўпам осон кўчмайди,
Аср тезкор, бир-бировни қувиб олдга чопамиз.
Тунлар ёзиб, тонгга қадар чироғимиз ўчмайди,
Кундузи иш, болакайлар кўнглин қачон топамиз?!

Сармаст кетиб борарканман куйлаш билан, иш билан
Шоша-пиша кўчираман шу сатрларни оққа.
Қачон вақтим бўлар экан шу чулдуроқ қуш билан,
Вижир-вижир қалдирғочим билан сирдош бўлмоққа.

Отамдан узмаган қарзим гарчанд елкамдаги юк,
Болакайдан қарзларим ҳам оғирроқдир бу юкдан.
Суянч тоғим — отажоним, бормисиз дунёда тик,
Болакай — полапон қушим, бунчалар ҳам суюксан.

Жигарларим, мен сизга бу қарзларимни тўлайман —
Дилим билан, қўлим билан иш кўриб бор усулда.
Фақат сиз бор бўлинг, сизнинг умрингизни тилайман
«Икки ёнимда бўлинг», деб мен кетаётган йўлда.

Улуғбекка кўйлак тикдим саҳар туриб, суюниб...
1975 йил 1 февраль


СИЗНИ СЕВГАЧ

Сизни севгач, мен чаманлар, лолаларга учрагум,
Омад келгай, аълолардан аълоларга учрагум.
Билмадим, бу ишқ олами бахтмидур ё мусибат,
Қўрқаменким, тағин қанча балоларга учрагум.

Тосдай қора сочларимни қилиб тол-тол ўрдим мен,
Занжир-занжир тўлқинидан ўзим ҳам лол, ўрдим мен.
Болалигу балоғатим тўқиган бу занжирни
Боғлаб қолса, ногоҳ узиб қилманг увол, ўрдим мен.

Сиз ногоҳда дуч келсангиз дод айлагай минг санам,
Бир боқсангиз ўз кўнглини шод айлагай минг санам.
Сиз кетурсиз, қаршингизда ўзга кўча, сулувлар,
Бул кўчада бир умрга ёд айлагай минг санам.

Минг санамнинг додин тинглаб бағрим менинг ўт бўлур,
Кўз ёшларим тошар дарё, оҳларим булут бўлур.
Минг санамнинг ҳар нигоҳи бир ўқ отса бағрима,
Ким айтади минг ўқ еган бағрим менинг бут бўлур.

Оҳ, қўрқаман, ишқим менинг рашку орга айланур,
Тўлқин урган занжир-занжир сочим дорга айланур.
Ва қалбим ҳам, лолаларга учраган шу бахтли қалб,
Ўз қонига бўялар-у лолазорга айланур...

Сизни севгач, мен чаманлар, лолаларга учрагум.
1974 йил 19 август


ҲАР ГАП ЎТСА МЕНДАН ЎТДИ

Х,ар гап ўтса мендан ўтди, сизда гуноҳ йўқ, бегим,
Ўзим сизни отдим, ё раб, сўздан ясаб ўқ, бегим.
Ўйладимки, Сизнинг бу ишқ кулдай сўниб тўзгандир,
Бугун нечун юрагимда лаҳча-лаҳча чўғ, бегим.

Синадимми, тирнадимми, кўнглингизни билмадим,
Чорладингиз, тошдай қотиб бирор қадам жилмадим,
Бунча сочдай ишлашмаса... ғашлик, саркашлик билан
Ўйладим, бурилиб аммо Сизга назар қилмадим.

Гарчанд қаҳрабо япроқдай авжи кўклам куйдингиз,
Аста-аста Сиз ҳам менга бурилмасдан қўйдингиз.
Ўйладимки, бул қадаҳни қўймагайсиз тобакай,
Шунча талхми ҳажр шароби, мунча эрта тўйдингиз?!

Шунда ногоҳ англадим мен, сайроқ қушдан айрилдим
Қанотларин шитирлатиб учиб кетгач, қайрилдим.
Ўйладимки, Сизни севсам, хато бўлиб чиқмасми,
Хато қилмоқликдан қўрқиб хато қилдим, тайрилдим.

Қўлларимдан учган қушим қайта қўнгайми боққа?
Кимга айтай сирларимни, кимни тутай сўроққа?!
Донини қуш, қузғунга ем қилган ношуд деҳқонман,
Буғдойини йиғиб олмай келганда авж ўроққа.

Энди Сизнинг хотир билан иноқ суҳбат қуриб ман,
Аччиқ, аммо умидли бир достон айтиб юрибман.
Узун-узун бу бармоқлар қуш қўнмаса на ҳожат,
Қўлларимни узатганча Сизни кутиб турибман.

Ҳар гап ўтса мендан ўтди, Сизда гуноҳ йўқ, бегим...
1974 йил 19 август


БЎРОН

Тўлқинни тупроқдай суради бўрон,
Бўрон шудгор қилар денгиз сатҳини.
Менинг юрагимда солишиб сурон,
Шеърларим куйлашар бўрон мадҳини.

Имиллаб оқарди денгиз, шов-шувлар,
Дунё ғавғосига бефарқ, соқов-кар,
Қирғоққа урмасди эринчоқ сувлар,
Шу тинмагур бўрон бўлмаса агар.

Сувда кўринмаса ҳаётдан бир из,
Ким унинг бўйига йўлни бошларди.
Бир танбал булутдай ястанган денгиз,
Кимнинг хаёлига каманд ташларди.

Сени дўстдан кўра дейишар рақиб,
Ё талқин қилишар ёвуз кучсимон.
Мен темир кўксингга қизил гул тақиб,
Сурурли шиддатинг асирасиман.

Бўрон, ўз танига сиғмаган шўх жон,
Ўзию ўзгага бермаган тиним.
Мен сени ўпаман, сени қучсин шон,
Ғафлатга кун бермас, курашчан иним.
1974 йил 13 апрель


УЗУК

Кўз олгувчи узугим маним
Атиргуллар ичра йўқолди.
Кўзимга тор бу кенг гулшаним,
Узугимни, айтинг, ким олди?

Ҳеч кимсага раво кўрмайин
Асрар эдим, гувоҳ еру кўк.
Қай куй чалар тақдирнинг найи,
Кимга насиб бўлгуси узук.

Боғда чаппар урган шўх йигит
Хурсандлигин недир сабаби,
Нечун чақнар кўзларида ўт
Олтин топган девона каби.

Менинг қаддим бундан эмас ёй,
Унга узук берсам айби йўқ.
Мен қўрқаман, қай бир пана жой —
Ўтлар аро йўқолса узук.

Асрар эдим уни худди жон,
Ногоҳ... додлай кимнинг дастидан.
Қабоҳат-ку шундай бенишон —
Занглаб кетса ўтлар остида.

Бир узукмас муддао, дардда
Умид бор ҳам йўкдай, топмоққа,
Ўтлар қачон бўлмаган парда
Жавоҳирлар юзин ёпмоққа.

Кўз олгувчи узугим маним
Атиргуллар ичра йўқолди...
1974 йил 20 март


* * *

Хайр, дейман Сенга мен бу кеч,
Умр бўйи қайтарилмас хайр,
Кўзларимда сезиб бир ўтинч,
Ўз бағрига олади дайр.

Бир кемадай дайр денгизини
Тинчин бузиб сузиб кетаман.
Балиқчадай сезиб ўзимни,
Тўлқинларни қувиб етаман.

Тўш урган қуш — қувноқлар билан
Ўйнашганим баъзан толдирар.
Жим-жит, жим-жит қирғоқлар билан
Сўзлашганим ҳайрон қолдирар.

Ҳамма билан топишарман тил,
Ҳаммасига бўларман суюк.
Ўз суюгин топмас фақат дил,
Кундан-кун зил юрақдаги юк.

Сезиб туриб Сенсиз бахтим «ҳеч»,
«Хайр» дейман кўз юмиб бу кеч.
1974 йил 20 март


* * *

Сочимнинг бир тола қораси қолмай,
Дилимдан армонлар кетган чоғларда,
Шўхчан шамол билан қувлаша олмай,
Тизимдан дармонлар кетган чоғларда

Бир дарахт мисоли япроқ тўксам мен,
Елларнинг ортидан бўлсам жон ҳалак,
Юксала-юксала бир кун чўксам мен,
Битиб, қўлдан чиқса мен тиккан палак;

Толикқан қўлимдан игна тушганда,
Умримнинг палагин тикмасам қайтиб;
Оқ олма қиёсли мен ғарқ пишганда,
Тезоб келганида узилмоқ пайтим;

Қайтадан гўдакка айланиб қолиб,
Онамга зор бўлиб чўмсам қайғуга,
Юртим, ўзинг иссиқ бағрингга олиб,
Аллалаб, йўллагил мангу уйқуга.
1974 йил 16 июль


БУРГУТ

Пастда кўклам очар эди барг,
Пастда кезинарди сур булут.
Пастга шўнғиб бўлди жувонмарг —
Учаётиб ўқ еди бургут.

Фарзанд эди юксакликларга,
Не фалокат тортди уни паст.
Мадори йўқ қаддин тикларга,
Ўралишар энди хору хас.

Тиниқ осмон кулга айланди,
Осмон — энди — ўнгланмас бир туш.
Хору хасга, қулга айланди
Мовий юртда султон бўлган қуш.

Пастда дарё шовуллар тўлиб,
Бургут ётар бежон, аянч ҳол.
Яшай олмас султон қул бўлиб,
Унга аза тутгин, мажнунтол.
1974 йил 16 июль


СУЯНЧ ТОҒЛАРИМ

Сўзламоғим керак мен Сизни,
Сизламоғим керак мен Сизни.
Қай боғларда ёзаркансиз барг,
Изламоғим керак мен Сизни.

Кезгунча умр қўшиғин айтиб
Кўз толади, оёқ чарчайди.
Бугун йўлга кирган жилғаман,
Шундан қўлдан қўймайман найни.

Синсин Сизни куйламаса най,
Бошингиздан нурдай тўкилай.
Бугун икки кўз чақноқ, шукур,
Тўйиб-тўйиб Сизга тикилай.

То кўзларим тортгунча хира,
То тоғ мисол кетгунча нураб,
Она барин тутган боладай,
Ортингиздан қолмасман сира.

Мангу қолгандирман боғланиб,
Заволга юз бурманг боғларим.
Боболарим — юксак чўкқилар,
Момоларим — суянч тоғларим.
1974 йил 8 июль


ДАРАХТ

Ҳув баландда барг ёйиб турган
Кичик дарахт, билсанг ўша — мен.
Қушлар билан соз суҳбат қурган
Кичик дарахт, билсанг ўша — мен.

Боши узра қуёш тўкса нур,
Тўлқин урса барглари — менман.
Қад тикласа бўронда базўр,
Титраб турса барглари — менман.

Кичикману, қувман салгина
Новдаларим чайир ҳам йирик.
Титраб-титраб мен беҳолгина
Тўфонлардан чиққан тирик.

Чайир таним ўрганган анча,
Қуёш ёқмас, музлатмайди қор.
Сарв қоматим адл тутганча
Ҳар янги тонг очаман рухсор.
1974 йил 8 июль


ДУГОНАГИНАМ

Мукамбарга

Кел, эй, қувлашганча келар сўнгги дам,
Университет йиллари қолмоқда ортда.
Ўрнига қўяйлик, дугонагинам,
Сўнгги шўхликларни 6у эркин юртда.

Сокин дунёларга жўнаб кетаркан,
Биз ҳам қолажакмиз қуйилиб унда.
Бугун шўх, серғавғо бизнинг бу Ватан —
Парпираб сузамиз асов тўлқинда.

Кел, ажралиш чоғин қилайлик унут,
Шодумон куйлайлик қўлга қўл бериб.
Гарчанд ҳар ғанимат ўтгувчи минут
Бизнинг шоҳ умрни борар емириб.

Булутсиз тонглардан бўларми кечиб,
Унут бўларми ҳеч ярқираган кун?!
Биз истамай ёшлик либосин ечиб,
Балоғат либосин киямиз бугун.

Олча ниҳолидай қолдикми ўсиб,
Беш қайта олқишлаб кўкламни, кузни.
Курсдош Нормуҳаммад сўзлар йўл тўсиб
«Кўзларинг қародир ўлгур сен қизни».

Шоштириб қўйди-ку қаро кўзлилар,
Қай бирин танлашни билмай қолдинг сен.
Аросатда қўйиб кетмасин улар,
Йигит, сўнг ҳам сени севги сийласин.

Мукаш!
Сирли суҳбатлардан огоҳ ётоқда
Сўнгти сирлашувлар кўнгилни ёзсин.
Тақдир оппоқ толе улашар чоқда
Сенинг пешонангга муҳрини боссин.

Эртанги хайрли ташвишлар, майли,
Безовта қилмасин бугунча бизни.
Бугун ўйламайлик иш, турмуш зайлин
Ва қурилгуси уй, рўзғоримизни.

Кел, куйла, биринчи курслардагидай
Ўтли ишқдан, торинг сайратиб қўлда.
Гарчанд ундагидай чалолмаймиз най —
Гарчанд севолмаймиз бугун у хилда.

Яқинлашиб борар қирғоққа кема,
Денгизда сайримиз бўлмоқда охир.
Юракка титроқлар солар бир нима,
Гарчанд титроқ билан куйламоқ оғир.

Аммо куйламоқ шарт, куйлаш дард билан,
То бу қўшиқ умри топмасин завол.
Тақдир учраштирсин сени мард билан,
Сўнг ҳам эркин яша, талаба мисол.
1974 йил 9 август


* * *

Мен қор билан хайрлашдим бугун,
Зериктирган совуқ қор билан.
Аммо энди юрагим нечун
Тушаётир титроққа бирдан.

Билардим-ку қор абадиймас,
Билардим-ку эришин бир пайт.
Нечун бугун деёлмайман, бас,
Бўлолмайман не учун лоқайд.

Мен кияй-да иссиққина тўн,
Бир жунжикиб қиш завқин сурай.
Сен учкунлаб кўз-қошимга қўн,
Ғарч-ғурч босиб мен ўйчан юрай.

Туюлса-да маъносиз сўзим,
Шўх жилғалар жилдираган он.
Қўмсайман, мен қизиган юзим
Қор сувида юваман қачон?!

Мана шундай қўмсайман сени,
Қордай маъюс, йироқ кетган дўст.
Қолганида чироқлар сўниб
Излаб-излаб топмаганда кўз.

Олган ором, тинчимни маним
Ёзмаганим жавобсиз хатлар.
Ўз қўл силтаб ташлаб кетганим
Ўша сокин, ўтсиз суҳбатлар.

Бўлиб қолди бари бир тугун
Тушмай сенинг — оқ, қор йўлига.
Ғамнокроқман ундан-да бугун
Тушунмайин жилға тилига.

Мен қор билан хайрлашдим бугун..
1975 йил 8 март


* * *

Мен қуёшнинг чиқишини кузатганман,
Тепаликка чиқиб олиб тонг маҳали.
Ол шафаққа интилиб қўл узатганман,
Унинг чиндан мафтуниман ҳали-ҳали.

Меҳр қўйдим сенга ҳам шу шафақ мисол,
Ва талпиндим унга талпинганимсимон.
Ҳамон қўлим узатилган, турибман лол,
Талпинаман, аммо етолмайман ҳамон.
1974 йил 17 февраль


ШУКУР, ТАҒИН МАКТУБИНГИЗ...

Шукур, тағин мактубингиз бизни йўқлайдир,
Алҳол, кўклам шамоллари кўнглим тўқлайди.
Ёзибсизки (кўнглим дардин сезмаяпсиз сиз,
Наҳот, тоғ-тош уйғонганда юрак ухлайди.)

Сезмас бўлса бу юракка ўтлар тушсин, ўт,
Саратонда саҳроларда чўқисин бургут,
Ризқ косамни ярим қилиб ичмоқ истамам,
Танҳо юрак синиқ, ярим, бўлмагайдур бут.

Янги чиққан тилим-тилим ойлар қўлларим,
Бегим, ўтар йўлингизни бойлар қўлларим.
Мактубингиз баргдай титроқ кўксимга босиб,
Соғинчингиз юрагимга жойлар қўлларим.

Буни Сизга қандай айтай, ёзайин қандай,
Кўк куртаклар дилимда ҳам бўртаётгандай.
Бир зангори ўтлар билан тўладир бағрим,
Бир зангори ўтлар дилим ўртаётгандай!

Бугун ўт билан ўйнашмоқ ҳаваси бошқа,
Зангор дарё бўлиб тошмоқ ҳаваси бошқа.
Умр бўйи шошилсак ҳам қайга, кимгадир,
Бугун Сизни кутиб шошмоқ ҳаваси бошқа.

Шукур, тағин мактубингиз бизни йўқлайдир...
1974 йил 17 февраль


* * *

Кутдим, кутдим, келмадинг 6у кун,
Умид қилдим эртанги кундан.
Эртанги кун топмоқда якун,
Аммо ҳамон дарак йўқ сендан.

Туни бўйи мижжа қоқмайин,
Яна кутдим эртанги кунни.
Сипқорарлар кимлар ишқ майин,
Кимлар чапдаст, тўкмоқда уни.

Сендан эса на хабар, на хат,
Тун ё тонгда келмайди менга.
Тугаб борар мендаги тоқат,
Ўчми, надир олар аланга.

Нега, жимсан... Тоза ишқ номин
Ўпиб мен кўз тиндиргим келди.
Нега жимсан, қайноқ ишқ жомин
Тошга отиб синдиргим келди.
Нега жимсан...
1974 йил 13 апрель


ҚЎЛЛАРИМГА ИШОНИБ...

Бугун қўлим ҳақида куйлагим келиб қолди,
Шу хамир қорадиган икки қўлим ҳақида.
Шу ўтин ёрадиган эркаги йўқ чоғида,
Икки қўлимга қараб бугун хаёлга толдим.

Хаёлчан, қўлларимни аста ўпиб қўйдим мен,
Секинроқ айтасизми унинг меҳнаткашлигин.
У бетиним ишлади, читу атлас кийдим мен,
У ишлади тарқатиб дилдаги бор ғашлигим.

Кичик ариқчалардай томирларда оқар қон,
Юзларчадир, эҳтимол, томирларимнинг сони.
Балки шулар заптидан танамга сиғишмай жон,
Ишимга ошиқаман, ол тонг билан уйғониб.

Кўклам сувлари оқар менинг томирларимда,
Унда қушлар чуғурлаб олар одам ҳушини.
Тонг. Қуёш уйқусираб дарчамдан кирган дамда
Қўлларим уйғонади соғиниб ўз ишини.

Кафтин кетмонсоп уриб, у уруғ сочмас экан,
Ернинг қай бир парчаси йўқотмасми кўклигин?
Талпинчоқ болакайга у қучоқ очмас экан,
Оламни тор қилмасми гўдакнинг ўксиклиги?

Бола кўз-қошин силаб юмшоқ, майин тортар ул,
Болакайим, кел, сени икки қўлим соғинди.
У сочган уруғлардан буғдой дони бўлди мўл,
Буғдой шопирмоқликдан тинмайдиган чоғ энди.

Бир палак бошлагандим ҳали бола чоғдаёқ,
Хдмон унга кўз нурим тўкиб бораётибман.
Ҳаёт гоҳ бошим силаб, гоҳ кифтга қўяр оёқ,
Қорли, қуёшли кунни тикиб бораётибман.

Гар қувонч бош силаса, кўксимга босиб ғолиб,
Қўлим қўл келар менга, шукрона айтмоқ пайти.
Ғам оёқ қўйса агар елкадан чапдаст олиб,
Жарга итқитиб, қўлнинг ишга тушишин айтинг?!

Чақалоқ-ей, чақалоқ монанд бўлар қуёшга,
Қўл «байрам», — дер гўдакка кўйлак тикар чоғини.
Аммо ёзиб бўларми, мусибат тошиб бошга,
Кафан ёпган чоғдаги икки қўл титроғини.

Тикиб бораётибман, узун олиб қатимни,
Жафокаш қўл умри ҳам шундай узун бўлгуси.
Хамир, лой, қонни бирдай қорган қўл журъатини
Бугунгидан ҳам янгроқ олқишлайди келгуси.

Қўлларим, учаётган икки учирма қушим,
Минглаб қуш тўдасига қўшилдингиз тонг билан.
Минглаб қуш парвозига бу тонг менинг олқишим,
Минглаб қуш парвозининг сурони бўлар баланд.

«Мен ҳалол яшайман», — деб тамом комил иймоним,
Икки қўлим — учирган қушларимга инониб.
1974 йил 13 апрель


КЕКСА АЁЛ ЎЙЛАРИ

Деразамда олча гуллай бошлади оппоқ,
Дафтаримда турналардай тизилар ҳарфлар.
Новдаларга сезилмайин бу сафоли чоғ
Оқ гул бўлиб қўнаяпти кўкламги зарблар.

Юрагимнинг зарблари ҳам тезланди чоғи,
Ё кўкламги шаршаралар кирдими унга.
Сархуш-сархуш оҳангларга тўлар қучоғим,
Кўксим торлик қилаяпти тошқин, тўлқинга.

Кўклам қайтди, қайтди юртга тўлқин, куртак, гул,
Мен ҳам бола чоғларимга бораман қайтиб.
Манглайидан ўп кўкламни, боладай кўнгил,
Қирларга чоп беғуборлик қўшиғин айтиб.

Ким айтса ҳам бекор гап бу — чўкаётганим,
Бу тонг олча ёнида қад тикладим бўй-бўй.
Ёлғон, йиллар сочларимни тўкаётгани,
Бари ёлғон — сўнгги йиллар қаритгани ўй.

Мен кўкламни дилим билан кўраман бахам
Ва ўзимнинг кўклигимга қайта оламан.
Сочим олча гулидай оқ оқарганда ҳам —
Кўклам чоғи шўх қизалоқ бўлиб қоламан.

Деразамда олча гуллай бошлади оппоқ...
1974 йил 24 май


УМРИМ – ЛАҲЗА

Инсон умри гоят қисқадир,
Мангуликка қиёсан лаҳза.
Шу умрни қилай деб қадр,
Солгим келар кўнглимга ларза.

Англаб етгим келади жим, жим,
Менинг ўзим кимман, нимаман,
Жимирлатиб тўлқинни сим-сим,
Қаёққа йўл олган кемаман?

Ўз-ўзимни таниб улгурай,
Тафаккурим қодирдир нега?
Ўз қалбимни очиб мен кирай,
Ўз боғимга бўлай мен эга.

Қидираркан ўзингни толиб,
Чопмоқ керак, толиқмай чопмоқ.
Ишонч келар бунга кеч қолиб,
Бунча қийин ўзингни топмоқ?

Мен туғилиб яшабманки то,
Хил-хил оханг тинглаб турибман.
Куйим топсам янграгай дунё,
Шу куйимни излаб юрибман.

Умрим лаҳза, билмай тинимни
Гуррос солиб худди гулдурак,
Излаб, топиб, яратганимни
Шу лаҳзага жойлашим керак.
1975 йил 6 март


* * *

Оқарган бошларида минг хаёл, минг хил режа,
Ўй суриб ўтказурлар тоғлар умрнинг йилларин.
Бизнинг бобокалонлар тоғларга ўхшар, ажаб,
Кўзлари кўпни кўрган, сукут сакдар тиллари.

Ирмоқчалар сўзлар ер, осмондаги юддуздан,
Кўрган-кўрмаганларин тўқиб ҳуда-беҳуда.
Ирмоқни тинглаб туриб ўзни тияман сўздан,
Улар сўзамолликда бизларга ўхшар жуда.
1975 йил 7 май
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:06:35
- «БОБО ҚУЁШ» ТЎПЛАМИДАН -
(1977)

Сиздай содиқ дўстни алдамайман, йўқ,
Ишонинг, бу йўллар тушмас бир изга.
Кўксимга қачондир текканди бир ўқ,
Ярадор қалб билан бормайман Сизга.


* * *

Ҳавас, нафрат, орзу, умид қоришиб,
Югуртирар мени ёмғирда, дўлда.
Аста-аста осмон келар ёришиб,
Аста-аста қорлар эрийди йўлда.

Ва тупроққа сингар сувлар бенишон —
Биз сўз қолмас ёмғйр ёзгани — хатдан.
Бу йўллардан ўтажакман мен, ишон,
Минг қоқилиб бўлса ҳамки, албатта.

Доим жамбил ҳидин уфурмас сабо,
Гоҳо бўрон қулатай дер устунни.
Ёмғир, дўлда юрсам беҳол, шалаббо,
Кун нурида қуритаман устимни.

Яна ҳавас, яна нафрат қийнайдир,
Қасдма-қасди кўксим тутиб мен баланд
Кетажакман, қайғу-қувонч қўш найдир,
Қўш қўбизчи шундай кетар мен билан.
1974 йил 13 май


* * *

Ишонинг, кўзимни то тупроқ босиб —
Қолгунча Сизники бўлмайман десам.
Аммо Сиз ҳеч кимга қилмайсиз насиб,
Ҳеч кимга бермайман, ичганман қасам.

Сиз менинг бошимда бўлмайсиз паноҳ,
Исина олмайсиз дилим ўтидан.
Бошқа аёл деб ҳам чеколмайсиз «оҳ»,
Йўлга тушолмайсиз ўзга кетидан.

Оёқларингизда занжир борлиги —
Бир менга, бир Сизга аён ҳақиқат.
Мен тунда кимдир деб куйиб борлиғим —
Тонгда ўзи келса этганимдай рад.

Худди мен дунёда доим кимдир кам —
Беадоғ ҳижрондан юрсам-да безиб.
Кимдир чорлаганда босолмай қадам,
Занжирбанд эканим қолгандай сезиб...
1976 йил 11 апрель


* * *

Эй, курашаётган йигит,
Кўзларингни мендан ол.
Юрагингда гурласин ўт,
Гурлаб сийласин иқбол.

Ақлсизлик қилар юрак,
Хаёлингни бўлмагин.
Рақиб қилмасин чирпирак,
Тирик туриб ўлмагин.

Сен алп бобом бир туёғи —
Алпим руҳи майдонда.
Елканг ерга теккан чоғи
Қиёматдир жаҳонда.

Сени кўргунча мағлуб, хор,
Кўр қилгум мен кўзимни.
Ясаб чилвир сочимдан дор
Осиб қўйгум ўзимни.

Бошқа гапни ортиқча бил,
Бўш келмагин, жон тўрам.
Ғолиб келсанг дилим-ку дил,
Келсанг, бергум, жон сўраб...
1974 йил 2 май


* * *

Оқил оға*, ақлингизга
Бунча ҳам тан бермадим.
Сиз курашни қиляпсиз-ку
Кўнглингизнинг эрмаги.

Нечун тенгни тенги билан
Туширмайсиз майдонга.
Кимни сийлаб пасту баланд,
Кимни қўйиб армонга.

Мурти энди сабза урган
Жовдираган шу полвон,
Тенгми наъра тортиб турган
Шу давангир, девсимон —

Паҳлавонга. Чиқарган от,
Лек билмас ор, номус не?
Болакайни йиқитиб шод,
«Рақибимни енгдим», деб.

Бугун яшнар, эрта сўлиб
Бу хил полвон юзтубан.
Турмасангиз холис бўлиб,
Майдон аро — сиз тубан.
1974 йил 2 май


ФИКР

Инсоф билан айтсам, умр кўнгилли кечар,
Қиш қорлари ҳеч нарсани кетмади ёпиб.
Ишқми, уни мен тўсатдан йўқотдим кеча,
Ҳечқиси йўқ, эрта биров олади топиб.

Оз бўлганми азал инсон йўқотмишлари,
Йўқолганлар топилдиқлар ўрнига ўтган.
Юлдузлар бу аждодларнинг ширин тушлари,
Чақ-чақ қуёш кулгусидир бўғзида кетган.

Бу дунёга келиб менинг топганим ҳам мўл,
Мен сўз топдим, фикр топдим, бу ҳам балки бахт.
Нодиранинг хаёлидан кечган балки ул,
Балки Машраб айтаман деб тополмаган вақт.

Бу фикрга қурбон бўлай, бу фикрга қул,
Қоним билан кўчирайин мен уни оққа.
Нодиранинг хаёлидан кечган бўлса ул,
Машраб вақт топмаган бўлса уни айтмоққа...
1976 йил 13 май


МЕН ЎЗИМНИНГ КЎЗИМ БИЛАН КЎРМОҚ ИСТАЙМАН

Менсиз халқ тўлиқ эмас.
А. Платонов.

Юзининг бир ёни қора, бир ёни оппоқ,
Дунё қувонч-ҳасратига юрагим тўлиб,
Қачон унинг юзларида қолмайди деб доғ,
Яшаяпман унга гирдикапалак бўлиб.

Мен-ку қаттиқ ишонаман, бўлар шундай ҳол —
Бутунича оқаради дунёнинг юзи.
Энди ўн еттига кирган дуркун қиз мисол
Суқ киргудай тозаланар дунёнинг туси.

Мен-ку қаттиқ ишонаман,
Аммо бу қачон
Қандай қўллар оқлашади рухсорин унинг.
Менинг замондошларимми шу, қийнашиб жон,
Кечиб, кесиб бораётган аччиқ тутунни.

Тушмаётган бўлса ҳамки бу оқлаш осон —
Биз туташиб ёнаяпмиз гурлаган ўтда.
«Оқлайман», — деб қамоқларда одамлар бесон,
«Оқлайман», — деб қанча жонлар борар тобутда.

Оқлаш учун ҳали кўп, о, бизлар учун иш —
Ёлғиз тўпдан, пулемётдан бизни отмаслар.
Тўплар тинган жойларда ҳам гоҳида ғиш-ғиш —
Кўз, сўз билан отиб юрар бадфеъл, бадмастлар.

Қачон бу кенг дунёмизнинг тўрт бурчида ҳам,
Бирор етим қўлин чўзиб сўрамайди нон.
Қачон мард ўғлоннинг бошин эгиб, қилиб хам —
Севгилиси ташлаб кетмас, йиғлатмас нолон.

Одамзодга қачон келар шундай бахтли йил,
Ки луғатидан ўчирар «уруш» сўзини.
Ерда қайноқ булоқ бўлар қачон барча дил —
Қачон бевақт қурум босмас диллар кўзини.

Қачон бир гули очилмай оҳ урмайди қиз,
Яшар гуллар, қушлар билан иноқ, қувишиб?
Қачон айрилиқ сўзини тушунмаймиз биз —
Ва «айрилдик», деб ёзмаймиз титроққа тушиб.

Мен-ку қаттиқ ишонаман, келар шундай он,
Аммо қачон, безовтаман қолмаса деб кеч.
Унга қадар тиним билмас, мен-да кичик жон,
Унга қадар катта бахт ҳам бермайди тутқич.

Мен ўз оч кўзларим билан кўрмоқ истайман,
Ардоқламоқ истайман, балқ, кўзларимда балқ.
Мен кетганимдан сўнг келса у кунлар оқ, шан —
Бир кишига камаяди уни севган халқ.

Мен ўз оч кўзларим билан кўрмоқ истайман
Бутунича оппоқ бўлган дунё юзини...
1976 йил 30 май


ЎРТОҚЛАРИМ

Кетсам олдин мен кетай.
Владимир Соколов.

Ўртоқларим, менинг ёшлик жигарбандларим,
Бугун ногоҳ юрак уриб, «қанисиз» дейман.
Ўтган ҳар кунимга туташ банду бандларим,
Сиз қайдасиз, бу кун сизнинг ғамингиз ейман.

Ўртоқларим, бир даврага йиғилайлик, бас,
Бир нафасга йиғилайлик ҳеч бўлмаганда.
Бугун ҳатто юлдузларга етганида даст —
Шу юлдузлар суҳбатини биз қилиб канда,

Бир нафас бир-биримизга ажратайлик вақт —
Бир нафасга тўйиб-тўйиб тикилишайлик.
Йиллар қилиб қўймадими бизни кўр, карахт —
Чиқиб олган чўққилардан бир дам тушайлик.

Пастни кузатар экансан, чўққидан туриб,
Чумолидай кўринади дуп-дуруст одам.
Бир нафасга сирлашайлик ёнма-ён юриб,
Тамом-тамом унутилсин серғавғо олам.

Айтгил, Усмон, бахтинг сени сийлаётирми,
Мукаррама, сен дўстларни янги уйда кут.
Ўғил билан қутлаймизми бугун Ботирни?
Одил қани, Одил қани? Жавоб йўқ. Сукут.

Қани Одил, бошлар эгик, тортажакмиз «уҳ»,
Жингалак соч, қора кўзли шўх йигит қани?
Дўстлар, чорланг даврамизга қўшилсин у руҳ,
Бизлар билан куйлагани, қаҳ-қаҳ отгани.

Давра нурай бошладими, йўқ-йўқ, нурамас,
Қани, куйланг, билинмасин Одилнинг ўрни.
Сочимизга қор ёғса гар курак курамас,
Шўр ёшимиз ўчиролмас изтироб, қўрни.

Бир дарахти қуласа ҳам аламзада боғ,
Бир дўстни йўқотиб биз ҳам «оҳ»лар урамиз.
Даврамизни тўлдира қол, кеч қолган ўртоқ, —
Бир майизни қирққа бўлиб баҳам кўрамиз.

Ўртоқларим, шодмон қўшиқ бошлайлик энди,
Шодмон қўшиқ сели ювсин диллар зангини.
Азал-абад ғам-андуҳни шод қўшиқ енгди —
Мен чизайин чизиб бўлмас қувонч рангини.

Ўртоқларим, бошингизда сўнмасин қуёш,
Барчангизни толе суйсин, бахт қолмасин кеч.
Бирингизнинг ғамингизда кўзга олиб ёш —
Куяр дамга дуч келмайин, дуч келмайин ҳеч.

Ўртоқларим, ҳар бирингиз мен суянган тоғ,
Дўст деганда жон бермоққа фикрим мутлақдир.
Кетар бўлсам мен олдинроқ кетайин, бироқ,
Дўстларимнинг қора кунин кўрсатма, тақдир.

Ўртоқларим, менинг ёшлик жигарбандларим.
1976 йил 12 июнь


БОБО ҚУЁШ

Яшарканмиз, биз бировга жон бермоққа шай,
Бировларга ҳайф кўрамиз ҳатто сомонни.
Биргина сен, бобогинам, қуёшим, бирдай
Меҳринг билан иситасан яхши, ёмонни.

Хоҳ кўклам сувидай тошқин, хоҳи бўлсин без,
Ҳеч кимсани четлатмасдан узатиб ёруғ,
Ҳатто қотил сўнг нафасда кўзин юмган кез
Чеҳрасидан нурларингни тутмайсан дариғ.

Ҳақу ноҳақ сендан бирдай кетарлар рози,
Балки шундан сендаги бу умрбоқийлик.
Бунча меҳр кўтаролмас менинг тарозим,
Кечир, қўлимдан келмайди бу хил сахийлик.

Нураш, кураш, ғавғолардан кетмасдан тўйиб
Айланасан, ер қутулар зулмат, балодан.
Балки шундан сенга ўчмас ўт бериб қўйиб,
Маконингни яратмишлар арши аълода.

Сен аршингда куйлармишсан, ярқираб, тўлиб,
«Нурим бирдай тақсимлайман тупроққа, тошга.
Сен бировга бирни берсанг, қайтар ўн бўлиб»,
Йўқ, қуёшим, бунда сенинг йўриғинг бошқа.

Бобо, агар сен тахтингдан тушсанг эди бир,
Марду номард орасида яшаб кўрсайдинг,
Сен уларга баб-баробар улашмасдинг нур,
Балки ғазаб билан нуринг олардинг қайтиб.

Уларга шавқ, орзу эмиш қазимоқлик чоҳ
Ва дунёни бир қоғоздай ғижимлаб йиртмоқ.
Ҳатто сендай олтин бошга, бобожон, гоҳ-гоҳ,
«Зора илинса», — деб ташлаб туришар сиртмоқ.

Илож топса ердан тутун, қутқуни йўллаб,
Сақлардилар тўлин ойни бир умр доғлик.
Йўлин топса ўз атомин ўзига қўллаб,
Эйнштейнни қилардилар улар бир ёқлик.

Хиросима шу қўлларда кул бўлди ахир,
Болалари кулда ўсди мажруҳ ва ўксик.
Важ топилса ҳатто сени олишиб «асир»,
Бобо қуёш, соқолингдан қолмасди бир тук.

Ўқи етса сени отиб биринчи галда,
Изғирдилар қаро тунда бўридай улиб.
Яхшиямки, ўқ етмас сен — донишманд чолга,
Йўқса меҳринг қўшиғини қўярди бўлиб.

Бундайларга бирни берсанг қилмай қаноат,
Ўйлай бошлар: «Иккисини ўзи олди-ёв».
Шундан, бобо, ўртачароқ бизларда тоқат,
Шундан, бобо, ердагилар сув билан олов.

Булар заминдаги баъзи ҳангома гаплар,
Батафсилроқ ёзсанг улар сиғмайди шеърга.
Сен юксаксан, юксакда йўқ аччиқ алафлар,
Сен, бобожон, фақат меҳринг сочавер ерга.
1970 йил 8 март


* * *

Бир мактуб сингари хотирамни мен
Ўчириб-ўчириб яшаётибман.
Дилимни ўртаган армон, ғамни мен
Қоғозга кўчириб яшаётибман.

...Сиримни яширмай тўкдим мен тунга,
Тун бўйи йиғлаган бўлса ҳам байтим.
Кундуз ёниб-излаб келганда унга
«Вақтида айрилдик, яхши», деб айтдим.

Тун бўйи кўзимдан аччиқ ёш сизиб,
Безабон армондан ўқисам ҳам дарс,
Тонгда у келганда «Уйқумни бузиб...
Тағин Сиз!..» юзига эшик ёпдим қарс.

«Барибир эшикни очолмас биров,
Келаман», — жимлик... сўнг йилларки мушкул.
Энди у келгунча сочимга қиров —
Қор ёғар, сўнг таний олармикин ул...

Қоплагани учун бир зум кўзни хоб —
Балки умрим бўйи берурман жавоб.
1975 йил 10 октпябрь


* * *

Ким яшаган бўлса бўрон билан қасдма-қасд,
Қишнинг қаҳри, қуюнига ўрганса тани,
Кўклам, боғлар жимжитлиги унга татимас,
Сезмайди ҳам совуқ вужуд иссиқ ўтганин.

Жажжи қушим, сен ҳам бекор ўртайсан бағир,
Куйинг ширин, аммо менга чучмалдир тоти.
Куйинг англаш менга унча ўнғаймас ахир,
Бу соҳада кўпдан ўчган хату саводим.

Жажжи қушим, сен куйингни қушларга куйла,
Боғдан чиқмасларга куйла, йил — ўн икки ой.
Менга чопмоқ — тақдир, ҳаёт — айлана бўйлаб
Гоҳ ўқдай тик, гоҳ эгилиб бамисоли ёй.

Йўлга чиқма, сен мен билан чопа олмассан,
Қола қолгин, бўлма энди гирдикапалак,
Мендай бетинчликдан тинчлик топа олмассан,
Менга ўртоқ қуюн сени қилгуси ҳалок.

Бу ҳаётда, қушгинам, биз қўшилмас зарра
Менга — абад чопмоқ, сенга — боғ аро сайр,
Куйларингни қайта-қайта тинглаб минг карра
Бир сирингни анғламадим, қушим, энди хайр!

Менинг куйим ғоят аччиқ, тахирдир, ичма,
Сенинг куйинг ортиқ ширин, чучмалдир, чучмал!
1975 йил 17 декабрь


* * *

Ўз эгик бошимни кўтармай туриб,
Яшаркан эгилган бошларни силаб,
Бугун Сизга келдим ўзим бош уриб,
Бугун мен турибман меҳрингиз тилаб.

Минг дардимдан бирин сололсам хатга,
Бор шодон умримга тортади чизиқ.
Қачонлардир менга зар бўлган бахтга
Бугун ўзим зормен, қўлларим чўзиқ...
1976 йил 5 май


* * *

Мен кетиб бораман, қорамтир само,
Қувлашиб ўйноқи шамоллар билан.
Тақдиримда минги аралаш, аммо
Бири ечилмаган саволлар билан.

Мен кетиб бораман, ёришади кўк,
Ногаҳонда овоз... нега бўшашдим.
Чақирманг, ортимга қайтолмайман, йўқ,
Чақирманг, йўқ эса қайтгудай шашдим.

Мен Сиз чорлаган пайт ожизман, айтдим,
Кетсам ҳам қулоғим, кўзим беркитиб,
Қайтмасам, юрганим йўлим унмайди.
Қайтсам, келолмайман Сизга ҳам етиб.

Гарчанд Сиз сиғинган шоҳман, пирман мен,
Аро йўлда қолиб адодирман мен.
1976 йил 2 март


* * *

Мен Сизни алдашни кўрмайман раво,
Тушунинг, шу ўзи мен учун басдир.
Сезаман, мендаги бу дард — бедаво,
Истаганим билан бу ишқ сўнмасдир.

Мен Сизни алдашни кўрмайман раво,
Эҳтиёж сезмайман ортиқ тиракка,
Мен учун қачондир куйланган наво,
Эндиги наволар сиғмас юракка.

Сиздай содиқ дўстни алдамайман, йўқ,
Ишонинг, бу йўллар тушмас бир изга.
Кўксимга қачондир текканди бир ўқ,
Ярадор қалб билан бормайман Сизга.
1976 йил 11 апрель


СУРАТ

Тан оламан, дил, қўлимдан кўп нарса кетди,
Мен ишонган тоғлар ҳам гоҳ кетдилар нураб.
Қиш қорлари кўп изларни кўмди, беркитди,
Кўзларимдан кетмай қолди ёлғиз шу сурат.

Мана бу — Сиз, папиросни асабий эзиб,
Туриб қолган, кўзларида тўзғиган тўзим.
Буниси шўртак бир таъмни лабида сезиб —
Маъюс, Сиздан кетаётган менман, мен — ўзим.
1976 йил 13 май


* * *

Ажралишдик, кўтар бошинг,
Кўзларингда нега ғам?
Мардим, тўкма кўзинг ёшин,
Томчисига арзимам.

Не кун солдинг сен бошимга,
Бу қандай ишқ, қай фироқ?
Арзимайсан кўз ёшимга,
Мен ҳам йиғлайман бироқ.
1976 йил 14 май


АЛВИДО ДЕНГ

Алвидо денг, алвидолар айтинг сўнгги бор,
Кўзингизни юмиб, кейин мендан буринг юз.
Тоқатим тоқ, боғингиздан учаяпман, ёр,
Қарғамангиз, боғингизга келар бўлди куз.

Мен билмайман, тушган йўлим хатоми, хайрли,
Ростин ёзай тун зулмати ўраб келган чоқ,
Гарчанд тушмаган бўлсам ҳам бир лаҳза айру,
Бир лаҳза ҳам яшамадим сиз билан бироқ.

Сабаб бўлдим бағрингизга қўнган доғларга,
Бекор бўлди менга кўнгил қўйганларингиз.
Боғингизда мени кўриб, ўзга боғларга
Битта-битта учиб кетди суйганларингиз.

Ўша пайтлар бу ҳол менга туюлганди шон,
Сароб экан, тутар-тутмай излаб қолдим мен.
Бу сатрлар қуйиларкан бошга урар қон,
Сиздан совий-совий бугун музлаб қолдим мен!

Алвидо, ёр, тўкилмоқда тоқат деган жом,
Кетмоқ ишқи куйдирмоқда ўт бўлиб мани.
Алвидо, ёр, кўксингиздан ўчиринг тамом
Боғингизга янглиш қўниб учган қушчани.
1976 йил 16 май


ТУГАТИНГ, БАС, — ДЕДИМ

— Тугатинг, бас, — дедим, — Сиз қилдингиз бас,
Ортиқ ишқ ҳақида очмадингиз гап.
Ишонинг, у сўзлар меники эмас,
Мен, ахир, юрибман ишқимни чорлаб.

«Кетган тўлқин албат ортга қайтади»,
Ўзимга берурман таскину тўзим.
«Ўзи келиб тағин ишқин айтади»,
Ўзи келиб, аммо, келмайди ўзи...

Ишқ мени топганда бўлолмасман эл,
Сўнг ўзим топмасман, кўз ёшларим сел...
1976 йил 24 май


* * *

Қайларгадир ёзган эдим исмингни сенинг,
Қаерларга... кейин узоқ ўзим қидирдим.
Кўп тингладим жилғаларнинг шўх кулгусини,
Энди куртак очаётган боғларга кирдим.

«Сор бургут-ей, шиддатингга шиддат улансин —
Сенга ёзганмидим», десам дилимни доғлаб.
У дер: «Йўқ, йўқ, эслолмайман, унинг номин сен
Қанотимга ёзганинг йўқ», — кетар узоқлаб.

Толмабўйин оққушларни тутаман сўзга:
«Балки сизга ёзганман мен», — аҳволим кўриб,
Оққушлар дер: «Эслаб кўргин, ёзмадинг бизга —
Қайга ёзсанг ёзгансан сен паришон туриб».

Дарёларга савол ташлаб худдики қармоқ
Ойлаб кутиб, жавоб олмай топмадим изин.
Ерга айтсам, ер айтдики: «Тишлама бармоқ —
Ўчмас қилиб ёзганДингми номини ўзи?!»

Шунда-шунда сергак тортиб мен бўлдим тамом —
Ёғаётган суст қорларга ёзгандим сени.
Тўкилгудай чайқалганда кўнглимдаги жом,
Кўнглимдаги озорларга ёзгандим сени.

Ёзиб кетдим, йўл-йўлакай нигоҳим тушиб,
Ёт дилларнинг тасодифий ёр-ёрларига.
Бир бепарво шўхлик билан ёздим қизишиб
Бу дунёнинг ур-сур, гавжум бозорларига.

Энди, энди бари абас, берсам ҳамки тан —
Баъзан кўнгил тағин сени йўқласа бўзлаб,
Қори эриб кетган ердан излаб қоламан —
Тарқаб кетган бозорлардан қоламан излаб...

Қайларгадир ёзган эдим исмингни сенинг.
1976 йил 7 апрель


ЎҚ ҲАҚИДА ОЛТИ ШЕЪР

I

Йўқ, мен соғ қалб билан куйлаганим йўқ,
Дарди йўқ кўнгилнинг куйлаши қийин.
Кўксимга санчилди бир кун қизил ўқ,
Мен алвон қўшиқлар куйладим кейин.

Юролмадим доим кимнидир суйнб —
Бу кўнгил гоҳи бут, гоҳ чил-чил синди.
Сариқ ўқдан кўксим кетганди куйиб,
Ҳижрон қўшиқлари майсадай унди.

Кўзларимда ўтдай ёнмоқда башар,
Гарчанд мен — бир ўтдай сўнар ўткинчи.
Бу ўқлардан қолган қўшиқлар яшар —
Кўксим қаро ўқдан қолганда тинчиб.

II

Онам эгилиб нақ камон,
Отди, айланиб ўққа —
Учяпман, билмам қай томон —
Тунгами ё ёруққа.

Билганим «тегади шу ўқ»,
Онам ичгандир қасам.
Унда ортиқ бошқа ўқ йўқ,
Мен мўлжалга тегмасам.

III

Ошкор айтганларнинг кўкси бўлсин тоғ,
Ошкор айтганларга менинг ҳурматим.
Чорак аср яшаб номарднинг, бироқ,
Бир ошкор қилмишин кўрмадим.

Мен шоҳона базмга бораман кириб,
Чарх уриб, шоҳона қўшиқлар тўқиб.
Йўлда отмаса гар яшриниб бири,
Йўлда ўлдирмаса номарднинг ўқи.

IV

Ўзгаларга омад тилайман бу чоқ,
Ўзгалар синчиклаб отсин ўқини.
Овлаган қушидан кўнгли бўлиб тоғ,
Бошларида кўрай толе туғини.

Ўзим тан оламан юзга қон уриб,
Букилмас дилимни букиб, этиб ёй,
Арзимас қушларга ўқ отиб юриб,
Умримнинг ярмини бериб қўйдим бой.

V

Алданган ишончдир сенга теккан ўқ,
Ўқ — бу ўз қадрини топмаган қадр.
Аччиқ ўқ азобин бермасми тўлиқ —
Ёзганда юрагинг куймаган сатр.

Мен ҳам ҳорғин, ғолиб анча йўл юрдим,
Доим ҳам куйиниб куйламади тор.
Уч марта кўксимни синчиклаб кўрдим —
Ярадор, ярадор, тағин ярадор...

VI

Яна у кўксимга учар худди ўқ,
Яна у мен учун далли-девона.
Унинг санчилмоғи учун бўш жой йўқ,
Буни унга Сен айт, ҳаёт, эй Она!

Мен шеърга айтаман кўксимдаги сир,
Сонсиз яралардан сачраганда қон.
Кўксимга қанча ўқ сингиб кетгандир,
Кўксимда қанча ўқ бўлгандир қурбон.
1976 йил 3 май


АЛЛАҚАЧОН УНУТГАНМАН...

Аллақачон унутганман бари-барини,
«Аллақачон» алдайман мен ўзимни-ўзим.
Ортда қолган муҳаббатнинг қўшиқларини
Эслама, деб ўз-ўзимга тилайман тўзим.

Эслаб қолсам, тоқатларим — тўзиган бир пат,
Эгилган ёйга айланар бўй-бўй қоматим.
Эсласам, бу ёруғ дунё — бўм-бўш бир хилқат,
Бир ггул бўлар эътиқодим, бахтим, омадим.

Кулгуларим кинояси зарра сезилмас,
«Аллақачон унутганман»... қаҳ-қаҳ ураман.
Ҳижроннинг талх шаробидан ортиқ сархуш, маст,
Бахтлилардан бахтиёрроқ яшнаб юраман.

Аллақачон унутганман, унутган маъқул.
1976 йил 11 апрель


* * *

Сизга ишқим, Сизга қарғишим,
Ўзга излаб мендан топмас из,
Бу дунёда менинг бор ишим —
Сизга тушди, бир Сизга ёлғиз.

Адашдим-да ёлғонга йўйдим —
Ишқингизни, қўл силқдим, «бекор!»
Шошиб ғурур гултожин кийдим,
Энди бошдан олиб қўймоқ ор.

Энди дунё ишин қарангки,
Ишқ ортидан қул бўлармиш шоҳ.
«Унутдим», деб сарғаяр рангим,
«Севмайман» деб жим чекаман оҳ.

Сиз деганда мен синмас торман
Кута-кута кўзим йўл ўйиб,
Умрим бўйи қарғаб ўтарман —
Умрим бўйи жонимда суйиб.

Гарчанд ҳижрон талхдан-талх майдир,
Мен ичардим, бўлганда ҳам қон.
Қарғишларим Сизни ургайдир,
Соғинчларим сақлайдир омон.
1976 йил 24 май


* * *

Қайдан ҳам йўлимда келгандингиз дуч,
Айқаш-уйқаш қилиб ўнгу рўёни.
Топдим, Сиз, ёлғиз Сиз, қолган дунё пуч,
Йўқотдим, қайтадан кўрдим дунёни.

Қайта кўрсам кўзим куйиб кетар, чин,
Армон тўлқинлари кетгайдир кўмиб.
Қайта Сизни кўриб қолмаслик учун
Кетяпман умрбод кўзимни юмиб...
1976 йил 20 май


КЕЧИРИНГ...

Мен Сиздан сўрайман бу кеч кечирим,
Ҳижрон бўлганим-чун бўлмайин висол.
Гарчанд умрингизни тонги, кечини —
Аралаш қилдим мен карталар мисол.

Ўйлайсизми, мени қилди деб атай,
Сизга бурилмасдан кетганим-чун тик.
Мен дардли кўксимни ёриб кўрсатай —
Борми унда Сизга зарра ёмонлик.

Гарчанд, оқлай олмас ўзин айбдор дил,
Ишонинг, сезмасдан қолдим мен у чоқ
Табиб бўлайин деб бўлганим қотил,
Малҳам бўлайин деб урганим пичоқ.

Беаёв ишқингиз ўтин ўчирдим.
Кечира олсангиз агар, кечиринг.
1976 йил 20 май


КЕЧАГИ КУН

Тинчлан, кўнгил, бўлма дилхун,
Ором топмадинг сира.
Майли, гарчанд кечаги кун
Бугунни қилар хира.

Бошқа эди кечаги кун,
Сен уними йўқлайсан.
Чақирганда бермадинг ун,
Энди нечун йиғлайсан?

Кечаги кун қуёш бошқа,
Бошқа эди тун, майса.
Бугун бошинг уриб тошга,
Самар топмай излайсан.

Бу тунги ой ортиқ маъюс,
Кундуз қуёш ортиқ шўх.
Гуллари ҳам бошқароқ тус —
Кечагидай тортмас, йўқ.

Ўтган ўтди, дил таскин топ,
Бўлса ҳамки худди туш.
Кечаги чекилган азоб,
Бугунги қувончдан хуш.

Дил, бугунги боғларга қўн,
Бўлолсанг, бўл асира.
Гарчанд, дилда кечаги кун
Бугунни қилар хира.
1976 йил 20 май


* * *

Икки қуш бор, қувонч, ғам қуши,
Яшолмайман юзим ўгириб.
Келар бир-бировин қувишиб,
Бирин ташлаб учади бири.

Ғам қушининг ранги қоп-қора,
Қаро тун ҳам илғаб титрайман.
Учиб келар туманлар аро
Қувонч қуши, яйраб потрайман.

Мен бир овчи, ношуддан-ношуд,
Бу икки қуш ҳам бахт, ҳам шўрим.
Отдим, қаро қуш бўлмас нобуд,
Оппоқ қушни тутолмас тўрим...
1974 йил 14 май

 
* * *

Абад сўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман,
Ўнглаб бўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман,
Сўнг нафаси келар бир кун — не тирик жон туғилди,
Мен ҳеч ўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман.
1974 йил 14 май


ОНАМГА АЙТИНГ...

Майлига, бошимни хам қилсин кадар,
Қабоҳат тошлари тўлсин хонамга.
Биргина одамга етмасин хабар —
Айтмангиз бу ҳолни ёлғиз онамга.

Бахт, омадим келса галма-гал оқиб
Даврон мени бошда кўтарган пайти.
Майли, ҳеч ким ундан бўлмасин воқиф,
Сиз уни ёлғизим, онамга айтинг.

Ғамим эшитган кун надоматга қул,
Қабоҳат тошларин териб юради.
Қувончим эшитса ўз уйида ул —
Даврон кўтаргандай давр суради.
1976 йил 22 май
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:06:53
- «ИССИҚ ҚОР» ТЎПЛАМИДАН -
(1979)

Ишқ, армон гул очиб, сўлса жонимда,
Йиллар олиб кетса беркитиб, ўраб,
Жилва дардин берманг қаҳратонимда,
Умримнинг сўнгида келмангиз сўраб.


СОҒИНИШ

Келмоқдадир она-Ернинг сафо дами, кўк дами,
Салом Сенга, туғишганим, Узбекистон кўклами.
Айланайин, она-Ер-эй, бир бошоғинг бўлайин,
Бир бошоқ не, сен суянсанг суянч тоғинг бўлайин.
Шилдир-шилдир шувоқларга сирғам тушиб кетгач мен,
Сендан йироқ-йироқларга бирдан тушиб кетгач мен,
Жигаргўшам, Сени қўмсаб, жигарларим силинди,
Ойлаб офтоб кўрмаганда офтоб ўрни билинди.
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган Ер,
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган Ер.
Ғиротларнинг изи қолган дала-даштни соғиндим,
Менам сочим саҳар ювиб майдалашни соғиндим.
Бу ўзимми, мен ўзим ҳам ўнгимми, йўқ, туш бўлай,
Айланайин, туғишган Ер, қанот бер, оққуш бўлай.
Ҳеч бўлмаса енгилгина сузиб юрган оқ булут.
Булут бўлиб кўриб келай, ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ўт,
Ўтдан тортиб ҳар одамни кўзларимга жойлайин,
Менинг умрим нима ахир, шошиб оққан сойдайин.
Токи қуриб қолгунимча югурик сой сингари.
Она-Ер-ай, мен бағрингта томчи-томчи сингайин.
Момоларим пойин ўпган бунда бўртган ҳар чечак,
Мен ўтгач ҳам сени йўқлаб кўклам келаверажак.
Мен ўткинчи, ўткинчига ғанимат дийдормисан,
Қани, қучоқлашайлик бир, она-Ерим, бормисан!
Келмоқдадир она-Ернинг сафо дам, кўк дами,
Салом Сенга, туғишганим, Узбекистон кўклами!
1977 йил 14 март


БОЛА, ОЙИНГ ОЛИМ ЭДИ...

Улуғбекка

Агар кетсам, агар кетсам,
Бу дунёдан кетсам мен,
Гуллаган чоғ, кутмаган дам,
Оламни тарк этсам мен,

Унда мени сен қай ҳолда
Этажаксан тасаввур?
Мендан сенга нима қолди —
Болажоним, эслаб кўр:

Излаб онажонинг ҳидин
Сен уйғонсанг саҳарда,
Ўз ўрнимда мен йўқ эдим,
Чопар эдим шаҳарга.

Вижир-вижир қўшниларга
Сўзлар экансан доим,
«Ойим менинг узоқларда,
Олим бўлади ойим».

Ўз юзингда ҳидим туйиб,
Менинг қўлим сезмайсан.
Она деса мени қўйиб,
Энажонинг эслайсан.

Ойинг бу кун олим бўлди,
Олам унга айтди шон,
Аммо дилга ҳасрат тўлди
Ушбу дамда, болажон.

Агар ногоҳ чалса бир тош,
Ўлим тутса, солиб тўр:
Кўзларингта тўлдириб ёш,
Қай хислатим кўринур?

Қай хислатим эслаганда,
Чидолмай дод айларсан?
Қай хислатдан ғаминг канда,
Кўнглингни шод айларсан.

Ҳеч бир... ўйлаб-ўйлаб зимдан,
Тополмайман қидириб,
Ташлолмайман ўз юзимдан
Уят, орни сидириб.

Мен узиб ўлимнинг тўрин,
Сен деб келаман қайтиб.
Минг қарзидан узмай бирин
Одам ўла олмайди.

Кел хонамга, келгин кириб,
Турма тишда мўралаб,
Ёғоч отда ўт қийқириб
Ёзувларим оралаб

Ўтгин, жоним қўзим, дедим,
Кўкрагимда ўсди гул.
Бола, ойинг олим эди,
Энди она бўлар ул.
1977 йил 3 май


БИР ЛАҲЗА...

Кел, эй, ўз пайтида кел, байтим,
Бир лаҳза илгари, илгари.
Келмагин юзимни сарғайтиб,
Кечиккан офтоб сингари.

Кел, эй боғ, гуркираб барг ёйиб,
Бир лаҳза илгари гулга кир.
Гўдагим, қўйгин бир жилмайиб,
Бир лаҳза эртароқ тилга кир.

Эртароқ шовқин сол, шаршара,
Юз ювай мен зилол булоқда.
Уринчоқ тойчоғим, қарқара,
Қарқара саман бўл, улоқда.

Бир лаҳза мушкулни тезроқ еч,
Юмалаб кетмасин ул соққа!
Табибим, қолма кеч, қолма кеч,
Бир лаҳза кифоя ўлмоққа.

Ўғлон, сен қўлим тут, қўлим тут,
Кўп совуқ кутишнинг шамоли.
Эртароқ ечиб ол, бир минут,
Хджроннинг қорамтир рўмолин.

Етиб кел, туташдим мен ўтга,
Бир лаҳза гуллаш ё ажалим,
Бир умр кутдим, бир лаҳзага
Етмайдир бу сафар мажолим.

Бир лаҳза илгари, илгари...
1976 йил 3 март


ЯНГИ УНГАН МАЙСА

Янги униб чиққан майсани кўриб,
Юрагимга янги туғёнлар кирди.
Бошида қолдим мен хаёллар суриб,
Бошида бошимда минг ўй чарх урди.

Янги унган майса! Турардим туйиб
Дилимнинг қувончу титроқларини.
Чақалоқ онаси янглиғ мен суйиб —
Ўпдим унинг мурғак қиёқларини.

Унга ҳам қувонч, ғам дўллари ёғур —
Дуч этиб юксаклик, гоҳо пастликка.
Гоҳо танимай ҳам очарлар бағир —
Гоҳ таниб, оларлар танимасликка.

Бизлар танимоқни истамасак гар,
Шуъла эмас, доғлар кўрамиз ойда.
Кўнглимизда ётган сўқир сезгилар
Фарқ эта билмайди гавҳарни лойдан.

Ўз майда ташвишлар билан доим банд —
Илғай олмаймиз гоҳ чақнаган нурни.
Бир пайт эски, лоқайд нигоҳлар билан
Йўқотиб қўямиз янги сурурни.

Дарвоқе, 6у майса, ҳа, янги майса, —
Қуёш, уни ўзинг ардоғингга ол.
Дейман бу гўдакнинг умри узайсин, —
Гуркираб ўссин у, билмайин завол.

Эй, Сиз, чақноқ кўзлар, тортмангиз хира,
У сўзлар янги бир дунё эртагин.
Таний олинг қандай тоза, бокира —
Бу таниш — кўклатсин майсани тағин.

Бир зум суронларин тиндирсин-да жим,
«Хуш келдинг», деб унга эгилсин олам.
Энди тетапоя бўлган гўдагим,
Янги унган майса — болажон, салом!
1976 йил 7 март


* * *

Албат етажакман порлоқ кунга мен,
Етарман манглайи ярқироқ бахтга,
Шу сўзларни ёздим қаро тунга мен,
Шу сўзни ёздим ҳар ўткинчи вақтга.

Палагимга қўшиб тикаётгандим —
Тасодифми, ҳа-ҳа, бахтсиз тасодиф.
Бузилди тикканим — нусха гул банди,
Ҳамда етмай қолди ўша рангли ип.

Қайсики мавжланган тўлқинга ёздим,
Бул тўлқинни сурди ортидагиси.
Қай майсага муҳрдай бу сўзни босдим,
У сўлиб бошқаси чайқалди ўсиб.

Ёзсам сафо билан бир зум олмай тин
Боғнинг кўм-кўк, бўй-бўй ниҳолларига.
Фасл айланмай улар тўкдилар баргин —
Дош беролмай кузак шамолларига.

Асов от ёлига ёзмоқ кўп қийин —
Минг бир азоб билан ёзсам бехато.
Отимнинг оёғи оқсади кейин,
Кейин кўрмай қолди кўзлари ҳатто.

Бу ҳам тасодифми, ўртанса-да тан —
Аччиқ-аччиқ кулдим, «Тасодиф бари!»
Бекорга дилимни қон қилмаяпман —
Қизғиш рангда учар ҳали куйларим.

Мен темир бўлсам ҳам бу йўқотишлар —
Бўғин-бўғинимда қолдирмасди жон.
Аммо кўклам, тағин қайтмоқда қушлар —
Менинг кўнглимга ҳам инмоқда дармон.

Темирдан-да қаттиқ бўлиб яшайман,
Ўт, журъатим ғолиб келяпти яна.
Мана тағин, тағин ёзмоққа шайман,
Бу қалам бир куни қилар тантана.

Ёзарман, ёзарман келгунча сўнг он,
Хоинлик қилмасдан ўз қасам — аҳдга,
Ўжар журъат бир кун келтиргайдир шон,
Етарман манглайи ярқироқ бахтга.
1974 йил 10 март


ЁЛҒИЗ БОШНИ...

Минг хил чиқит қўшилмоқда оқар сувларга,
Саёз тортиб қуринмоқда Оролнинг қуми.
Мен қўрқаман қўшилишиб дили қувларга
Юракларга чиқит-қувлик кирмаяптими?

Ёмғирлар-ку, япроқларни кетмоқда ювиб,
Бизлар уни тупроқ билан қормаяпмизми?
Биз кундалик «ур, ҳо-ур»нинг кетидан қувиб,
Меҳран тугаб, қалбан тугаб бормаяпмизми?

Дил тубидан туйғуларни оларкан қириб,
Бир кун тақир йўлга ўхшаб қолмасмиканмиз;
Бу талотўп, «қув-қув», «чоп-чоп» ҳолдан тойдириб,
Бир кун бўм-бўш уйдай бўшаб қолмасмиканмиз?

Бу шошйлинч, бу тезликда кўрмай хосият,
Мен қўрқаман, ноаниқ бир ҳислар кемирар.
Мен ойларки, ўз онамни кўрмадим, уят,
Мана, шундай пайдо бўла бошлар темирлар.

Ойларки, мен ўз онамни кўролмай карахт,
Демак, болам йиллаб яшар мени унутиб,
Мунча тансиқ тортиб қолди дийдор деган бахт,
Ютқизиқлар кўп, нимани оляпмиз ютиб?

Айтолмайсиз, айтолмайман менам бошим хам,
Аммо биламанки, нафас ростламоқ даркор,
Билмоқ керак, ёнди кимнинг юрагида шам,
Билмоқ керак, ёғди кимнинг юрагига қор?

Йўқса, бизнинг ҳар биримиз бир улоқчи, ёт,
Шериги йўқ, йўкдир битта узангидоши.
Азал-абад кўпкарида тоқ чавандоз мот,
От остида қолиши бор ёлғизнинг боши.

Кечикяпмиз, бу гал аммо, Сиз шошиб келинг,
Кўзлар тўлсин ишқнинг рангин бўёқларига.
Ҳой одамлар, имилламай жипслашиб келинг,
Ёлғиз бошни бермайлик от туёқларига.
1975 йил 21 март


* * *

Қуёш жуда эрта ботди, қилади алам,
Намозшом гулидай сўнди тез бугунги кун.
Қасдма-қасди тунга кириб дейман «ассалом» —
Дўстлашаман қуёш эрта кетгани учун.

Мен қуёшга қилмайдирман гарчанд хиёнат —
Аммо усиз яшамоққа етар бардошим.
«Бунча эрта йўқотдим?» — деб ёзар бўлсам хат,
«Қайтарми», — деб йўлларида тўкилса ёшим,

Кўз ёшимни шамолларда қуритиб олиб,
Ёзганимни йиртиб-йиртиб четга отурман.
Куйим билан ҳатто тунга ғулғула солиб,
Унинг тундай юрагини боғлаётирман.

Туннинг сукутини бузиб, алёрлар айтиб,
Куйлатаман унинг ҳар бир ҳорғин онини.
Қуёш мени қайта топмас келганда қайтиб,
Кўз ёш тўкар эслаб мени йўқотганини.

Мен тик, ўжар ғурур ҳаққи, кўтараман жом,
Ўчлик билан яшаганга тилайман барор.
Энди қуёш қуёш эмас, мен учун тамом,
Уни тунга алмаштирдим — шу бўлди қарор.
1975 йил 22 август


ГОҲ КУНЛАР ҒАРОЙИБ

Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз,
Таъми талх шаробдай жоминг тўлдирар.
Дуэлга чиқарди аввал юзма-юз,
Энди бир-бирини зимдан ўлдирар.

Аввалги ошиқлар кўзларида қон
Ишқи учун жонин қўярди гаров.
Эндиги ошиқ гоҳ чамалар имкон,
Қийинроқми, йўлдан қайтади дарров.

Аввалги ошиқлар кўкрагида оҳ,
Майдонга кирганлар ғурур, шон учун —
Бугунги ошиқлар туюлади гоҳ
От солаётгандай мансаб, нон учун.

Тағин энг қизиғи, фақат пардали,
Пардали суярлар, пардада юрар.
Кўнглидаги қаҳрни ҳеч ким зардали,
Қаҳр билан айтмайди, пардага ўрар.

Парда орасида кетяпмиз ҳориб
Йўл солаолмасдан ошкор бир ёққа.
Журъат тарк этмоқда бизларни, бориб
Дўстга «Мен соғиндим Сени» демоққа.

Журъат тарк этмоқда бизларни гоҳо,
«Пичоқ кесар, ўткир бўлса дами» деб.
Бировга бермаймиз муносиб баҳо,
Бошқаси аразлаб қоладими, деб.

Журъат тарк этмоқда бизларни баъзан,
Гарчанд гоҳ меҳрдан кўнгил ёшланар,
Сор бургут мадад сўз кутмоқда биздан,
Улуғ парвоз балки шундан бошланар.

Мадад сўзсиз бургут учса-ку учди,
Гоҳ бургут кексаяр шу сўзни кутиб.
Ожизмиз, биз қўллай билмадик қушни,
Аянчмиз, «йилт» этган нур кетди ўтиб.

Мен ҳаммага аввал журъат тилайман,
Муқим журъат олган қалбни, қалъани.
Душман душманлиғин ошкор олсин тан,
Дўстим ошкор бўлсин кўнглим малҳами.

Журъат нима, журъат ўзи асли ўқ,
Нишонни урмасдан қўймас отган дам,
Кўп раҳмим келади ошкор фикри йўқ,
«Пардали» шеър ёзган шоирларга ҳам.

Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз...
1977 йил 12 май


ГУНОҲ

Ким у бизни қушдай бегуноҳ деган,
Гуноҳ бизнинг бошдан-оёққача то.
Ерда инсон кўзга ёш олар экан,
Бу ҳали гуноҳдир, бу ҳали хато.

То ерда яшаркан юраги куюк,
Ҳали оқланганмас Инсоннинг йўли.
Ҳали елкамиздан босади бу юк,
Ҳали қуёш бизга бермайди қўлин.

То ерда яшаркан биз билан, ўртоқ,
Гоҳ-гоҳ бош кўтариб макру қабоҳат,
Ўқдан сачраган қон юзимизда доғ,
Нон тиланган етим — бизнинг жароҳат

Қамоқ жазосида мингу миллион
Озодлик нурини кутаркан толиб,
Улар кўксимизда кўтарар исён —
Тандан ором, кўздан уйқуни олиб.

Онанинг сочига барвақт қўнса оқ,
Боланинг кўнглига бевақт чўкса тош,
Бу бизнинг ўзимиз сезмаган гуноҳ,
Бу айб бизникидир мутлақ, замондош.

Мен ювмоқ истайман ўз гуноҳимни,
Биз ювамиз барча гуноҳларни оқ.
Бир кун гул қоплайдир дунё боғини,
Бир кун хазонларни унутади боғ.

Ерда Инсон кўзга олар экан ёш,
Ҳали биз ювмаган айб бу, замондош!
1972 йил 6 февраль


ТАНҲОЛИКДА

Тўлкинлар: «Кирғоада лоқайд турмагин», —
Чорладилар шўх.
Мен шўхчан дарёга ўзим урмадим,
Мен борганим йўқ.

Тепамда турналар арғимчоқ солди,
Осил, кенг, — деб, — кўк.
Мен икки қулоғим бекитиб олдим,
Мен борганим йўқ.

Чавандоз от қўйиб нақ шамол сиёқ
Қичқирди: «Учайлик, кел, эй, худди ўқ».
Узангига қўйиб кўрмадим оёқ,
Мен борганим йўқ.

Тўлқинда, кўк, ерда бўлмай сархуш, маст,
Бул кун ўлтирибман кетиб пинакка.
Бул кун бор чақириқ бўлгандир абас,
Қолганман якка.
1977 йил 20 май


* * *

Ўт билан ўйнашиб қорда, ёмғирда,
Яшаяпман унга бергим келмай тан.
Аммо ўйнай-ўйнай бирдамас-бирда
Куйиб кетмасам деб қўрқаман...

Яшаяпман... билмай қай рангда сукут,
Бетоқат тоқатга тўлдир жомимни.
Ўлсам ҳам... қачондир ўлдиради ўт —
Ҳаяжон олади жонимни...
1975 йил 3 январь


ИССИҚ ҚОР

Чиллада иссиқ қор қаердан пайдо —
Бул қадар илиқлик, топ-тоза ҳусн.
Мен тиниқ хаёллар чарх урган жойда
Йўқотиб қўяман дунёнинг тусин.

Кўкарар кўксимда баргин тўккан боғ,
Ўтолмас дарёда кўраман кечик.
Ўзини йўқотиб топмоқ, чарх урмоқ
Кўклам жилғасининг иши, ҳар нечук.

Ишқ, армон гул очиб, сўлса жонимда,
Йиллар олиб кетса беркитиб, ўраб,
Жилға дардин берманг қаҳратонимда,
Умримнинг сўнгида келмангиз сўраб.
1975 йил 3 январь


ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ ЖОМСЎЗ

Ҳар янги йил кирар экан, жомсўз айтгали
Қадаҳига ҳар ким маҳзун бир зум тикилар.
Жомсўз асли бир баҳона, ортга қайтгали
Шу лаҳзада юрак эзгин, юрак тўкилар.

Бир йил ўтди базм янглиғ қисқа умрдан,
Тағин бир қур баргларини ерга берди боғ.
Йил ўтибди... сергак тортиб қоламан бирдан:
Мен йил бўйи яшадимми ишқ билан иноқ?

Ўйлаяпман... гоҳо боис турли сабаб, сас,
Унинг менга, менинг унга маҳтал кунимиз.
Узоқмикан... ахир икков бир кунда кетмас,
Иккимизнинг сўнг кунимиз, маҳшар кунимиз.

Сиз-чи, айтинг, ул эшиқдан учиб кирган он
Учиб-қўниб қучоғига отилдингизми?!
«Келдингизми?» шу бир сўзни титроқларда жон
Ҳайрат билан айгмоқликка ботиндингизми?

Келдингизми, шу бир сўздан бағри бут бўлиб
Қўш жилғадай ул шошдими, Сиз шошдингизми?
«Келдим, келдим», ул кирганда ёниб, ўт бўлиб,
Бир ўт каби Сизам унга туташдингизми?

Шул туташув онларида жомдай тўлай денг,
Тўкилай денг, тўкилмаслик, тўлмаслик гуноҳ.
Паноҳ бўл денг, мен бир умр қарам бўлай денг,
Ишққа қарам шу лаҳзани яшаганлар — шоҳ.

Хаёлингни оппоқ қорлар ўраган тунда,
Йўқ, ҳавойи ҳавасларга ичар вақт эмас.
Минг, миллионлар яшаётган бу кенг заминда
Ул қидириб Сизни топди, 6у кам бахт эмас.

Энди эса... тағин кўп гап айтар қорли тун
Бу бирликнинг кипригига қўнмасин деб гард.
Ораликдан ҳижрон ўсиб чиқмасин учун
Сиз узлуксиз туташ яшаб бормоғингиз шарт.

Чегарада соддатлармас, мен ўйлаган дам
Чегарада эркак-аёл қад тиклаб турар.
Улар туташиб турсалар, қучишиб маҳкам
Ёв бу юртга қай томондан йўл топиб кирар?

Улар туташиб турсалар, қучишиб маҳкам
Шамолидан баҳра олиб ўсар гўдак, боғ.
Шу бирлик тик турганида ғамми — қолган ғам,
Бу бирлик уй, юртни ёвдан тўсар юксак тоғ.

Бу янги йил туни, йилнинг энг илк ишқ фасли,
Инсон буюк — ишқнинг буюк сирлиги учун.
Бу дунёни тутиб турган шу бирлик асли,
Кўтарингиз эркак-аёл бирлиги учун!
1977 йил 27 декабрь


НАТАЛЬЯ ГОНЧАРОВАГА

Билмам, Пушкинни севмоқ бахтсизликми ёки бахт,
Хоним, Сизга ҳам яшаш тушмагандир осонга.
Аммо, битта туйғуга инонганман ҳамма вақт,
Сизни Ҳумо қушидай ул кўтарган осмонга.

Наталья! Ким яратган Сизни қўл билан чизиб,
Сиз илоҳий ҳуснда шоирни этганда ром,
Улкан фикр дарёсин қиргоқларини бузиб
Офтоб келди Сиз билан, ҳам ёнма-ён келди шом.

Сизни иситмадими бериб бор дил чўғини,
Энг қайноқ туйғуларин бахш этмадими Сизга.
Порлоқ шон-нгуҳратини, қанотли довруғини
Сочмадими гуллардай пойи қадамингизга.

Турли иллат, ғамдан гоҳ куйласа ҳам ўксиниб,
Сизгача шоир ҳатто ёқарди-ку аёзни.
Нечун Сизни севгач гох руҳин қаноти синиб,
«...Шеър йўқ. Кунлар ўтяпти. Шеър келмайди...» деб ёзди.

Майли, не ўтса ўтган, ўртада бир аср бор,
Дейман-у, бу фикрга этолмайман ўзни жалб,
Кечиринг, шу жумладан туюласиз гуноҳкор,
Балки Сиз сабаб совий бошлагандир даҳо қалб.

Қандоқ нафас олгансиз устун келиб бўҳтон, кин,
Ортдан шоир номусин сотаётган пайтларда.
Ёвуз рақиб мўлжаллаб, унинг дурдай юрагин,
Ҳатто қўли қилт этмай... отаёттан пайтларда.

Оҳ, аёл, биз аёллар ширин сўзга бунча ўч,
Гоҳ бор хушомадгўйнинг бўламиз кўнглин олмоқ.
Балки ўша лаҳзада ёлғиз севгилимизнинг
Кўкрагида биз учун бошланади йўқолмоқ.

Кейин, худди Сиз каби ғурур, ишқдан олисда
Оҳлар уриб чорлармиз, етим қолган ишқ, сирни,
Бир лутфига арзирми Дантес деган олифта,
Ҳатто Сиздек париваш бир шеърига арзирми?

Ул-ку ҳуснингиз куйлаб ёндирди оломонни,
Ҳалок бўлди тождор эрк, ишққа туширмай соя,
Ул худодай сиғиниб Сизга, ишққа инонди,
Сўнг машъум он не учун ишқ қилмади ҳимоя?!

Ўйласанг... келаверар шу хил турфа туйғулар,
Асли бугун Сизни ҳам олқишлаймиз туриб тик.
Ахир юз йил, минг йилда Пушкин битта туғилар,
Бахт эмасми шу улкан Даҳога ёстиқдошлик!

Сиз ҳуснин овозаси юз йиллар оша кетган
Кибор рус оламининг санамларин бирисиз.
Йўқ, йўқ, Сизни уларга тенг қўйсам хато кетгум,
Сиз Пушкиндай инсоннинг севгиси, тақдирисиз!

Юз йилда бу тупрокдан юз минг санамлар ўтган,
Беҳишт боғлари аро сим-сим саболар каби.
Нозик, сарв қадларин бул кун тупроқ беркитган,
Бул кун кимлиги унут, унут наслу насаби.

Аммо Сиз-чи, тирик ўт бор экан то қонида
Одамзод Пушкин билан тоабад айлар висол.
Демак, Сиз ҳам то абад ўлмас Пушкин ёнида
Порлаб келаверасиз, тоза, ҳарир гул мисол!
Билмам, Пушкинни севмоқ бахтсизликми ёки бахт.
1977 йил 12 май


БИР ДЎСТ ХОТИРАСИГА

I

Кўзимга кўринар тошлоқ йўл, узун,
Сен йўлда бош яланг келяпсан, шошиб.
Сен эса, оҳ, сен-эй, кечиргил ўзинг,
Ўзинг кетмадингми ерга туташиб?

Қалин, ғайир сочни шамол ўйнайди,
Чарос кўз нуридан тарқалар туман.
Сен ўзинг қайларга кетдинг, сен дайдим,
Кечда қайтасанми аввалгисимон?

Бу кеч шафақ ранги сенсиз бўлар ол,
Сенсиз ботар бу кеч олам қуёши.
Эллик ёшли чолдай уканг қадди дол,
Қабрингга томчилар чарос кўз ёши.

Менам юрагим қон, кўтармасдан бош,
Янги қабр ёнида йиғларканман жим,
Қай туманда қолиб йигирма беш ёш,
Қаддим камон бўлиб элликка кирдим?!

Йўқ, бу бари рўё, яна тошлоқ йўл...
Ўзингмасми, ахир, йўл бошидаги?
Муаллақ қоляпти мен узатсам қўл,
Чақираман, аммо жавоб йўқ тағин!
Кўзимга кўринар тошлоқ йўл, узун...
1977 йил 19 январь

II

Энди юмуқ кўзларинг сенинг,
У кўзлардан қочмайман энди.
Бу кун мағрур иродам синиб,
Бағрим менинг тупроққа тенгдир.

Армон бўлдим тириклигингда,
Аччиқ дудга тўлмоқда кўксим.
Бир умрлик тириклигингга
Мени ноҳақ ишонтирди ким?

Бахт ошёнин сенга деб қуриб
Доим интиқ кутар деди ким?
Умринг қадар ортингдан юриб
Фидо бўлиб ўтар деди ким?

Йиғлаб ёзмоқ менгами ҳавас
Эрка ғурур бўлгач поймол, пуч.
Ёки қилмишимга қасдма-қасд
Ўлиб олмоқ бўлдингми сен ўч?

Номард, қайга учдинг сен қушдай,
Ишқ гул очмай қолдими сўлиб.
Висол базмин қурамиз тушда
Ўнгдагидан иноқроқ бўлиб.

Кимга тегди ўлим отган ўқ,
Гул ҳолича дув тўкилди ким?
Энди сенинг кўзларинг юмуқ,
Оламда йўқ менинг интиғим.
1977 йил 20 январь


МЕН ОЛМАМАН...

Бир олма келади тўлқинда оқиб.
Саида Зуннунова.

Мен олмаман, тўлқин билан ўйнаб оқиб боряпман
Кимларнидир кўзларини ёқиб, оқиб боряпман.
Кимлар менга маъюс боқар, раҳми келгандай афти,
Кимлар қўлин узатганча етолмай қолаяпти.
Мен ўйноқи тўлқин билан ўйнаб, оқиб боряпман.
Ногоҳ, шохдан узилдим-у дарё бўлди тушганим,
Тиними йўқ ошқин-тошқин дунё бўлди тушганим,
Ўчгани йўқ рангимнинг ҳам тарам-тарам қизили,
Оҳ, ва лекин толдирмоқда тўлқинларнинг ҳазили.
Ногоҳ шохдан узилдим-у дарё бўлди тушганим.
Сувлар қувлашмачоқ ўйнар, менга тиним бермаслар,
Бу ўйиннинг шавқи билан, улар тун-кун шўх, мастлар.
Тўлқинларни эрмак қилиб мен ҳам қочиб келяпман,
Орзулардан бағрим тўлиб, чеҳра очиб келяпман.
Сувлар қувлашмачоқ ўйнар, менга тиним бермаслар.
Узун, яна кучли бир қўл олдда кутади мени,
Эртами, кеч шиддат билан у қўл тутади мени,
Ва кетаркан шўх тўлқинлар қучоғидан айириб,
Танҳо эзилсам ҳам ортга боқмагайман қайрилиб.
Узун, яна кучли бир қўл олдда кутади мени,
Шунда дейман тўлқинларга, шўх тойларим, хайр энди,
Сўнгига ҳам етди, мана қувлашмачоқ, сайр энди,
Чулдираманг: «Биздан кечиб кетмоқдасан нега сен?»
Қоча-қоча шўх олмангиз топди бугун эгасин,
Шул сабабдан, ранжимангиз, шўх тойларим, хайр энди.
Мен олмаман, тўлқин билан ўйнаб оқиб боряпман...
1974 йил 4 июль


ТОНГ

Кўзим ичга ботиб кетар,
Қимирлашга йўқ ҳолим.
Қушларни уйғотиб кетар
Ўйноқи тонг шамоли.

Яна оқ тонг отмоқдадир
Сурма ранг тун охирлаб.
Ухламадим, уйқу надир,
Жон учгандай бағирдан.

Туни бўйи бағрим куйди,
Куйиб кетди қоғозлар.
Унга бағрим борин қуйди,
Жаранги йўқ овозда.

Азобларим, куйманишлар,
Зулмат ҳоким, мен якка.
Бир юракни ўйланишлар
Бўлди минг бир бўлакка.

Узундир тун, куйиб-куйиб,
Мана, енгил тортдим ман.
Дардларимни бир-бир қуйиб,
Қоғозларга ортдим ман.

Тонг. Ҳаммасини унутиб,
Чарх ураман энди шан.
Тонг, қоғозларимни титиб,
Куйганлардан куламан.
1974 йил 8 июль


АФСОНА

Сочим менинг қаро-қаро —
Қоп-қародир кипригим.
Солинибдир дарё аро
Муҳаббатнинг кўприги.

Бу кўприкни ким қурган-ей,
Синар, синар, қўрқаман.
Сувлар мунча югурган-ей,
Кўзим тинар, кўрқаман.

Бахтим менинг қирғокдамиш,
Ўтмоқ қийин — қаҳатдай.
Учай десам дил худди қуш —
Учмай десам лаҳатдай.

Бир нафасга, бир нафасга
Балиқ бўлсам нетарди?
Кўринмай ҳеч хору хасга
Сув остидан кетардим.

Ўзинг қўлла, иложим йўқ...
Кўприкка қўяр оёқ.
Солланар-у қулар кўприк —
Қиз ярмига етган чоқ.

Соч ва рўмол, бир нафасга...
Сўнг ҳаммаси гум бўлур.
Кўринмай ҳеч хору хасга —
Қиз балиққа ем бўлур.
1978 йил 14 декабрь


БЎЗ ТЎРҒАЙДАЙ БЎЗЛАСАНГ...

Бўз тўрғайдай бўзласанг, бўзла-бўзла, тўрғайим,
Интиқ соғинчларингни сўзла-сўзла, тўрғайим.
Чаппар уриб изласанг, изла-изла, тўрғайим,
Умрим тонготарида.

Аммо, сен куйламасдан узун кунни қилсанг кеч,
Кечда бош эгиб келиб, дема «Ўзинг ҳал қил, еч».
Умид ипларин уздим, унда, дўстим, келма ҳеч,
Умрим кунботарида.
1975 йил 15 май


ЮЛДУЗИМ

Гўёки дунёда ҳеч шоир зоти
Уларга ўхшатиш топмаган.
Қайсин Қулиев.

Юлдузга қачондир, кимдир ёлборган,
Кимдир кўзга илмай ўгиргандир юз;
Кимдир туҳматларнинг чангига қорган,
Қаро ниятларда ортдан айтган сўз.
Кўзларига қуюн, тўфонлар урган —
Ким айтар, юлдузни солмаган деб дод.
У кўз ёши билан тикилиб турган
Доно мунажжимин сўйганда жаллод.
Аммо, кўрганмисиз ақалли бир бор
Сизга кечмишларин сўзлаганини,
Нурин сочмай қўйиб қай бир тун абгор —
Сирларин бой бериб бўзлаганини.
Юлдузим, юксакда турганим порлаб —
Суянчим, «сўнмас» деб кўзим тикканим,
Фисқу фасодларга бериб кетиб чап,
Булутлар чоҳидан омон чиққаним,
Порлайсан, ҳеч нарса кўрмаган мисол
Балоғатга етиб-етмаган қиздай.
Кўзларинг жовдираб истайди висол —
Мен бундай саботни қаердан излай?!
Илтижо қиламан, мен сенга боқиб,
«Менга иродангдан бер», деб айтаман.
Устимга қўнган гард, чангларни қоқиб —
Порлайверажакман қайта-қайта ман.
1977 йил 20 октябрь


СИЗГА ИШОНАРДИМ

Сизга ишонардим болаларимни,
Дилимдаги ниҳон нолаларимни,
Кўзимдан оққувчи жолаларимни, —
Сизга ишонардим,
Энди қайтаман?!

Менам онаман-ку, ойларим чўкса,
Болалар гоҳ келиб ғамларин тўкса,
Бу юклар азоби қаддимни букса, —
Кимга тўкиламан,
Кимга айтаман?!

Йўқ экан-ку Сиздай
Сир сақлагич тоғ,
Сиз ўзи мени ким қилиб кетдингиз?
Ёлғиз-ёлғиз қилиб,
Дунёда қандоғ
Сирини тўкмас хум қилиб кетдингиз
Онам-Онам-а?!
Сизга ишонардим болаларимни.
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:07:36
- «САДОҚАТ» ТЎПЛАМИДАН -
(1983)

Воажаб, бул қадар ёлғизлик нега,
Ғаройиб бу ҳаёт — биз ўтар йўлак.
Ҳеч ким, ҳеч нарсага мен бўлмам эга,
Севгилим, Сизга ўз ишқимдан бўлак.


* * *

Асли кўклам сўрганди қўлим,
Унга қўлим берсам бўларкан.
Топмас экан ўзгадан ўлим,
Ишқ ўз қўлларингда ўларкан.

Тушунмай ҳам кўклам сирини
Йўлларимдан тўсиб чиқди ёз.
Ёзнинг бағри иссиқ кўриниб,
Сўнг ўзим ҳам талпинганим рост.

Сўнг ёз севди сершиддат, қизғин —
Сўнг ёз мени ўтларга солди.
Гоҳ севгиси қайноқ, бетизгин —
Гоҳ ўт рашки жонимни олди.

Биламанки, ишқи эмас оз,
Яшасам ҳам суйиб, шўху шан.
Энди гоҳо ишқ тутганда ёз
Куйиб кетмасам деб қўрқаман.

Гарчанд бахтим таратар хушбўй,
Тушмаса ҳам ўзга ён йўлим,
Гоҳ кўксимда чарх урар шу ўй —
«Асли кўклам сўрганди қўлим».
1977 йил 13 ноябрь


ҚИЗИНИ УЗАТАЁТГАН ОНА ЎЙЛАРИ

Мен Сени ер-кўкка ишонардимми,
Қизнинг чин бахти бу, тақдир иши бу.
Майли, юрагингга кирган мардингнинг —
Бошга қўнган, кетмас Хумо қуши бўл.

Не дейин, не дейин, мен не ҳам дейин,
Қизим остонамдан оёқ узар чоғ.
Хонадон ҳувиллаб қолгандан кейин,
Кушини учириб юбораркан боғ.

Хатодай туюлар менга ушбу хат,
Ушбу тақдир, қалбга санчма тиғингни.
Мен ҳеч ўйлабмидим шундай оз фурсат,
Қизим, ўз онангга меҳмонлигингни.

Ёшлигинг ўтдими шўх, хандон отиб,
Мурғак юраккинанг озор чекмайин.
Олмадай бировга узатаётиб,
Не учун кўзимдан ёшлар тўкмайин.

Ўйларинг йўқмиди мендан яширин,
Туйғуларинг ғамдан ёнмаганмиди...
Тушунтира олмай менга гоҳ сиринг,
Ёстиққа кўз ёшинг томмаганмиди?

Бўлмаганми, айтгин, Сен норизо пайт,
Бағримизда кечган қувонч, мунглардан.
Сен айт, болажоним, розимисан, айт,
Отанг уйидаги ўтган кунлардан.

Тинаётган кўзим Сенга тикаман,
Қучоғимдан Сени олди-ку тақдир.
Бу тақдирга қандоқ мен кўникаман,
Билмам, куним сенсиз қандоқ ўтадир?!

Майли, Сен борар боғ энди кўрмай кам,
Толе менинг меҳрим шу боққа солсин.
Мен ола билдимми кўнглингни, билмам,
Болам, борар жойинг кўнглингни олсин.

Мен сени ер-кўкка ишонардимми?!
1982 йил 26 июнь


УЗАТИЛАЁТГАН ҚИЗ ЎЙЛАРИ

Хуш қол, райҳон мисол илк ёзганим барг —
Илк очиб, ёпганим эшик, яхши қол.
Тарк этиб кетяпман, этолмасдан тарк,
Онам бағридаги бешик, яхши қол.

Жовдирашлар қандоқ тинч қўйсин мани,
Гўдак сингилларим — чиннигулларим.
Волидам қўлидан ипни, игнани,
Сиз қачон олурсиз, чучук тилларим.

Акалар, тўфонни тўсар тоғларим,
Нур тушсин десангиз менинг роҳимга,
Юмшагайсиз, Сизга умид боғладим,
Озор бермагайсиз қиблагоҳимга.

Ҳаёт 6у, гоҳ хазон, гоҳо кўкариб,
Яшаб кетгайсизми бут қилиб камни...
Кетолармикансиз бошда кўтариб,
Кекса, гўдак бўлиб қолган отамни.

Яна онам, яшаш, уй ташвишлари,
Ўзи эгик қаддин қўймасми эгиб?
Чақнаб юргаймикин мунглардан нари,
Тетик қадамлари қувончга тегиб?!

Қизга ота йўли — энг қисқа йўлдир,
Мен-ку ҳол сўрмоққа учгайман ҳар вақт.
Тунлар дуодай ёд тилагим шулдир,
Ота уйим, сендан юз бурмасин бахт.
1982 йил 26 июнь


КЕЛИН ТУШИРГАН ОҚШОМДА ҚАЙНОНА ЎЙЛАРИ

Боғимда бировнинг булбулгинаси,
Боғимда чорланган дўсту ёр жами.
Кўзимнинг устига узри, гинаси,
Кўзимнинг устига пойи қадами.

Бировнинг булбулин дийдаси ёшли,
Ўксиманг, дийдангиз артарман, болам.
Қайнона эшигин демангиз «тошли»,
Мунғайсангиз маъюс тортарман, болам.

Менда ҳам оч кўзда кўрган бир булбул,
Мен уни топганман қанча ёш тўкиб.
Шод кўрсам, бир қарич ўсган куним шул,
Йиғлаган кунингиз қолгайман чўкиб.

Ёлғизим қўш бўлди, менинг бағрим бут,
Кўксим тоғ, тенгига қўшдим деб тенгни.
Ўғлим, жуфт-ҳалолинг кўнглин овлаб ўт,
Келин овлаб ўтсин Сенинг кўнглингни.

Мен эсам ўртада куюнчак бир жон,
Мен учун ҳам севинг бир-бирингизни.
Кўзимга тўлмасин десангиз армон,
Кўздай авайлангиз ишқ, сирингизни.

Ўстирдим, бургутдай авж учар чоғда,
Сизга бердим, дарду ғам солмасин чанг.
Мен-ку асрагайман Сизни қароғда,
Жон келин, Сиз менинг қўзимни асранг.
1982 йил 26 июнь


ЭНГ ТОЗА МЕВА

Бир келинчак тўрт ойлик хаста чақалогини қайтиб олмаслик шарти билан касалхонага ташлаб кетди.

Гуноҳ маҳсулидир балки жаҳонда,
Дунёга келтирмиш балки хатолар
Ва лекин ҳамма вақт, ҳар қандай онда
Гўдаклар энг тоза мева аталар.

Мевам, қайси боғда бунёд бўлдинг Сен,
Қай ношуд боғбон у мевасин отган.
Қай бир қондан бино, зурёд бўлдинг Сен,
Онам деб ҳар кимга жовдираб ётган.

Балки отанг бордир, туйғуси кўлмак,
Аммо амали бор, бергувчи фармон.
Мушкулмас, онангнинг ҳолини билмоқ,
Унинг Сени ташлаб топгани армон.

Ўзи ташлаб ўзи дараклаб, сўраб
Юрар танғиб сутли кўкракларини.
Ажаб, сени оппоқ чойшабга ўраб,
Дазмоллаб кетибди кўйлакларингни.

Муҳаббат, севардим Сени жон қадар,
Сен бунда ишқмас, йўқ сўқирсан, мастсан.
Она, Сен ҳам энди кетарсан бадар,
Қайтиб бу кўйлакни дазмолламассан.

Билмайман, ким бунда ўтар солиб дод,
Кимдан оз, ё кимдан кўпроқ айб ўтди.
Билганим — кўрнамак, нопок икки зот
Бир тоза мевани поймоллаб ўтди.

Бировлар қарғайди куйиниб, бўзлаб,
Биров кўз ёшини артар панада,
Ҳар кўкракдан она исини излаб,
Чақалоқ чирқирар касалхонада.
1980 йил 20 октябрь


ЁЛҒИЗ АЁЛ ХАТИ

Сен, севиб бахтимга бўлгандинг зомин,
Сен, севиб бахтимни кетгандинг юлиб,
Айтгил, ёлғизликнинг аччиқ аламин
Икков баб-баробар оддикми бўлиб.

Эшигингни, балки учиб худди ўқ
Бахт очар, бағрингда тўлғанар сочлар.
Менинг эшигимни гезарган, совуқ —
Бир-бир босиб келиб ЁЛҒИЗЛИК очар.

Сен эшикдан кирсанг ёниқ дил билан
Балки бахт отилар қучоғингга тик.
Мен эшикдан кирсам муздай қўл билан
Белларимдан маҳкам қучар ЁЛҒИЗЛИК.

Бахт Сени жон билан севар бетоқат
Кўзингда ҳис этиб ишқ зарбларини.
Мени ҳам кўзимга севиб, ютоқиб
ЁЛҒИЗЛИК босади муз лабларини.

Тушда висолларга кетдим кўникиб,
Тушдаги тонгларим чаракдаб отар.
Тошдай ёстиғимнинг ярми меники,
Ярмида ЁЛҒИЗЛИК — бош қўйиб ётар.

Фақат тонг отлансам, қололмас ушлаб,
Ярим тун қайтсам ҳам, рашк, ғазаб йўқ, шан.
Барин ичга ютиб, кўксимга муштлаб
Мен ёниб кетяпман, ёниб кетяпман.

Суйиб, балки мендек куйиб худди шам
Яшаяпсан, фарқ йўқ, қандай ўтдинг Сен.
Фақат айт, ўз қўлинг билан қандоғам
Мени ёлғизликка қўшиб кетдинг Сен.
1982 йил 7 июль


ҲИСОБ-КИТОБ ҲАҚИДА

Баъзан мен тунлари ишлаган кезда
Ўй суриб кетаман унутиб шеърим,
Баъзи саволларни сўрайман Сиздан,
Тахминан бўлса ҳам ҳисоблаб беринг.

Дейлик, бир бут дилга сачраб кетди қон,
Бир кўнгил ўтларда қоврилар, тутар —
Айтинг, малҳам қайда, келар у қачон,
Бир кўнгил яраси қанчада битар.
Менга мана шунинг ҳисоби керак,
Тағин изи қолмай битарми юрак?

Диққат қилинг: кузги хазон дилхаста,
Ҳар лаҳза сезилмай сарғайиб борар.
Дарахт тўкилади аста ва аста,
Бирдан тўкилса-чи, юракни ёрар.
Дарахт қанча вақтда сарғайди, ёнди,
Қайғу қанча вақтда тўкар Инсонни?

Ишқли кўнгиллар-ку пардан енгилдай,
Ишқсиз қалбга қанча тош тўлди, айтинг.
Лаҳза... ишқ туғилди қанча кўнгилда
Лаҳза... қанча дилда ишқ ўлди, айтинг.
Ҳисобин чиқариб беринг-чи, қани,
Ўлгани ортиқми ё туғилгани?!

Номард ғолиб келса мард дилтангу зор
Бош эгиб турганда қанча куч сарфлар.
«Айрилиқ» сўзини қанчадан ёзар
Майишиб, чаплашиб кетмасдан ҳарфлар.
Айтинг, яна неча аср солиб из
Бу дўзахий сўздан куяр тилимиз?!

Сиз, эй, бу дунёнинг ҳисобдонлари,
Тахминан бўлса ҳам қилингиз ҳисоб:
Қанчалик умри бор сунъий шонларнинг;
Сунъий кўрк қанчада бўлгуси хароб;
Қанча даволангач паст тушиб ҳар кас
Ўзин алломаи замон санамас.

Усиз ҳам чўт ташлаб ишчан, гоҳ карахт,
Тинмайсиз миллионни миллионга уриб.
Бир лаҳза шуларга ажратинг Сиз вақт —
Шуларнинг ҳисобин қилинг ўй суриб.
Тополсак шуларга кетар вақтни биз,
Чуқурроқ туярдик балки бахтни биз.

Мен баъзан тунлари ишлаган кезда
Ўй суриб кетаман, унутиб шеърни...
1980 йил 18 февраль


КУМУШНИНГ ЎЛИМИ

Отабекнинг Зайнабга айтган «талоқ» сўзини эшитганда жон талвасасида ётган Кумуш «ярқ...» кўзини очди ва қайта юмди...
Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидан.

Узун қабоҳат қўли юлди сарву суманни,
Заҳарга қўшиб қорди оташ ширин суханни,
Келган жойи шу бўлди ишқ деб йўлга чиққанни,
Кумуш, кўзларинг қайта юмилмаса бўлмасми?!
Шундай сарв тупроққа кўмилмаса бўлмасми?!

Оҳ, аёл, биз аёллар ишққа гирдикапалак,
Шу ишқ ортидан куйиб бўлдик доимо ҳалок.
Ойдай Кумуш «Бегим...»лаб ўлиб бораётган чоғ,
«Ойи...», «Дада...», ул икки меҳрибондан йирокда,
Гўдаклиги гувранган Марғилондан йироқда.

Гарчанд Отабек билан яйраса ҳам барқ уриб,
Ул кундошли тунларни ўтказди михда юриб,
Ахир сочидан хушбўй райҳон ҳидин уфуриб,
Ёстиғига ёлғиз бош қўймоққа маҳкум эди,
Отабекдай бегидан кун ора маҳрум эди.

Аммо ишқнинг ғолиблик куни яқинлашарди,
Сезган сайин икки дил туйғулари тошарди.
Сезган сайин Зайнаб ҳам ортиб бораркан дарди,
Узди, яшноқ вужудни жоҳил қўл билан узди,
Икки шаън шеър сатрини чизди, устидан чизди!

«Гулим», ёнар Отабек, ичдан қулаб кетган тоғ:
— Зайнаб! Сенга минг лаънат, талоқсан Сен, кет, талоқ.
Кумуш ярқ кўзин очди бу сўзни эшитган чоқ,
Қайта юмди... Ё раббий, шу сўзмиди бор илинж?!
Сўнг Отабек кўксига бош қўйиб жон берди тинч.

Кулимсираб худдики уялгандай жон берди,
Шу сўз балки докадек юзга қайта қон берди,
Шу сўз балки шу хилда ўлмакка имкон берди!
Тирикликда бу сўзни эшитсайди бирор кун,
Билмам, яшолармиди кўтариб бу бахт юкин?!

Энди ишқмас, тобутни Отабек қон кўтаргай,
Бу ишқ шарҳин Қодирий, ўртанган жон кўтаргай,
Ҳали-ҳануз ишқ дардин дардкаш инсон кўтаргай,
Қай аёлки оҳ уриб ишқин айтиб келадир,
Хаёлимда у билан Кумуш қайтиб келадир.

Сиз бугунги Кумушлар, аёл зотин сараси,
Сочингизни то абад ишқ қўллари тарасин,
Отабеклар топса ҳам қовушмоқлик чорасин,
Осон эмас экан-ку абад асрамоқ, суймоқ,
Осон экан-ку ахир Сизни бой бериб қўймоқ.

Узун қабоҳат қўли юлди сарву суманни...
1982 йил 4 июнь


МЕНГА АЙТ...

Сен ойга қўлингни чўзиб толмагил,
Ой — ой-да, ўрганган, ёлғиз ҳол, кетар.
Қуёшга дардингни тўкиб солмагил,
Қартайган қуёш ҳам ҳолсиз чол, кетар.

Сен тоққа қилганинг билан арзи-дод,
Тоғ — тоғ-да, сир бермай тургани турган.
Чўққидан кутмагил бирор-бир имдод,
Эгилган чўққини, айтгил, ким кўрган?

Жилғага сир айтсанг тоқатинг битиб
Чулдираб, шўх қаҳ-қаҳ отиб кетади.
Тош, харсанг оралаб, паналаб ўтиб
Кимгадир сирингни сотиб кетади.

Менга айт, менинг бир қалъам бор тинч, кенг,
Бу юрак, мен уни чуқур ўяман.
Ва Сенинг сирингни ўшал қалъанинг
Энг хавфсиз ерига кўмиб қўяман.

Менга айт...
1981 йил 4 ноябрь


* * *

Уйимизда сукунат оғир,
Тошқин денгиз шовқини тинди,
Бу сукутдан туйғулар оғрир,
Энди қандай яшаймиз, энди?

Дарахт япроқ тўкаётган кез
Жунжиккан ел кўксимга кирар,
Иягига қўлин тираб куз
Рўпарамда маъюс ўлтирар.

Ёрилгудай юрагим, йўқ, йўқ,
Денгиз кетди, келгил қайтариб,
Йўқса сўзлар санчилгучи ўқ,
Кўринишлар ярадор, ғариб.

Денгиз кетди, кетди иноқлик,
Икки кўнгил икки ёнда хун.
Менинг умрим денгизга боғлиқ,
Сен гирён у кетгани учун.

Тўлқинлари қирғоқни ювиб
Ул чайқалиб топар-ку бизни,
Аммо қачон сукутни қувиб
Қайтарамиз уйга денгизни.

Уйимизда сукунат, оғир...
1981 йил 4 ноябрь


ШОИР ЯШАЙ БИЛМАС...

Шоир яшай билмас тилини тишлаб,
Кўриб, кўрмасликка солиб ўзини.
Номард кетар экан вақтини хушлаб,
Мушфиқ тасалли деб билса тўзимни,
Шоир яшай билмас.

Тинч қарай билмас у тоғу тош қолиб,
Инсоннинг юраги қулар чоғларга,
Осмоннинг ўрнига инсонни олиб,
Кўнглин тўлдирсалар қаддироқларга,
Шоир яшай билмас.

Яшолмайдир ермас, дил қолса музлаб,
Кўриб пайҳон бўлган ишқ иқболини.
Боларига гулмас, инсон бўлса даф,
Сўриб тугатсалар шира болини,
Шоир яшай билмас.

Яшай билмас қай бир фаҳми кўру кар,
Тароқни сочгамас фикрга урса,
Четлаб шўх, қийқириқ нафасли қушлар,
Тўти савлат тўкиб боғларда юрса,
Шоир яшай билмас.

У яшай билмайдир ўтмас, қай бир он,
Оқ-ойдин туйғулар кетса ўрилиб.
Шиллиққурт мисоли сип-силлиқ ёлғон
Ҳақиқат ёнида турса керилиб,
Шоир яшай билмас!

Туғён кўтарар ул бўлиб бағри қон, —
Майли, усиз ҳам мўл беғамлар, гўллар,
Ишқилиб, узунроқ умр кўр, исён,
Туғён тугаган кун шоир ҳам ўлар.
1970 йил 2 май


БУ ФАСЛ

Тағин қийғир, қумри ўнгир, қиёда,
Тағин бургут юксак ўрлар зиёда.
Тоғларга етдингиз пойи пиёда,
Ота, оппоқ тоғлар фасли бу фасл.
Дерсиз «кўп гапириб ёқмасман Сизга»,
Ўгитингиз нури — тўтиё бизга.
Саркаш фарзандларни солингиз изга,
Она, қўнғироқлар фасли бу фасл.
Ғиркўк ёли бўрон янглиғ учарак,
Кўзларида ўт, шон янглиғ учарак,
Омаддан бир нишон янглиғ учарак,
Ака, учар чоғлар фасли бу фасл.
Сева-сева севилмоғинг оширдинг,
Бекам, ўзни қай ўғлонга топширдинг.
У не тутди, кўксинг аро яширдинг,
Синглим, юзда доғлар фасли бу фасл.
Ишқ — қирғоқдир, асли топса жойини,
Кетмоқликка қўймас Сизни ёйилиб,
Ҳар ўтганга кўз солмассиз қайрилиб,
Ука, ишқ-қирғоқлар фасли бу фасл.
Унда-мунда ухлаб қолган гўдак сахт —
Чимга нақш олмалар тўкибди дарахт.
Гўдакларни ердан кўтарадир бахт,
Юртим, тўкин боғлар фасли бу фасл.
Соғмисан, ишқ билан, бахт билан оғри,
Не тонг бу, кўзимга юлдузлар ёғди.
Бу фасл шоирмас, кимики соғдир,
Шоирлар, носоғлар фасли бу фасл.
1982 йил 5 сентябрь


НИҲОЛ

Уруғини бошқа одам экканди асли,
Бошқа бири бўлди унга бахт бағишлаган.
У куртакка айланганда илк баҳор фасли,
Ундан йироқ кетган эди уруғ ташлаган.

Ҳар зарбага тоб беролмас ҳар қандайин тош,
Экмоққа-ку экди орзу-ўйларга чўмиб
Аммо аччиқ меҳнатига беролмади дош,
Аммо қийин меҳнатидан кетди кўз юмиб.

Бошқа бири қалқон бўлиб селга, яшинга,
Ўстирди сувга қондириб, бўғзини чопиб,
Гоҳ ҳосилга кираркансан, қавму хешингга
Ғоят азиз бўласан сен, келарлар топиб.

Худди шундай, ниҳолнинг ҳам «эгаси» чиқди
«Ўзи айтсин, мен экканман, гувоҳ еру кўк».
Ниҳол ҳарчанд таниш учун кўзларин тикди,
Танимади, танимади, танимади, йўқ...

Танимайди! Бу бешафқат қонуний қасос,
Асосида «бемеҳрлик» деган нақд асос.
1982 йил 11 март


САДОҚАТ

Отани маҳзун ғам, хасталик ютди,
Фарзанд юксак-юксак авж учар фасли
Учмай, ташвишларга кўмилиб ўтди,
Бу отага юксак садоқат асли.

Майли, ишқ ҳақида чекмаса ҳам оҳ,
Балки бу ҳам сўзсиз ишқ тоқатидир.
Аммо ўзин унга санарми паноҳ,
Бу эрнинг аёлга садоқатидир.

Юраги ҳақида очиб юрманг фол,
Буни текширмасдан, ҳис этган маъқул.
Силаб, кўйлагига урдими дазмол,
Аёлнинг эркакка садоқати шул.

Бошга кўтарингиз, тортмасдан ҳадик,
Чидаб танбеҳларин кўпу озига
Келин боқолмасми кўзларига тик,
Садоқати шулдир қайнонасига.

Шундай, садоқатга ўлчов борми, бас,
Инсонни ҳам инсон қилган шу ҳис, куч.
Инон, бахт қушининг қаноти синмас
Бу хил белгиларга келиб турсак дуч.
1982 йил 15 март


ШАҲИДЛАР

Шаҳидлар, қирқ йиллар йироқда юриб,
Унутмайсиз, ишқнинг хуш чоқларини.
Тунлар иситасиз тушига кириб,
Бева аёлингиз қучоқларини.

У қайта яшариб, ўртаниб суяр,
Бахт қуши ғуссасин аритганида,
Аммо у қушини учириб қўяр
Тонгги нур уйини ёритганида.

Тонглар тушдан чиқиб, айтиб алвидо,
Мангулик маконга ётурсиз бориб.
Курашиб ётурсиз ҳануз жон фидо,
Гулдай танингизни тупроққа қориб.

Асли Сизнинг қудрат ёвларни енгди,
Қуладингиз қатор, зич бўлиб туриб.
Душман биз томонга ўтолмас энди
Йигирма миллион шаҳид устидан юриб.
1982 йил 21 март


БОБУР

Урушдан ҳеч ким ҳеч нарса ютолмаган ҳеч қачон,
Ютқазгани кўп бўлгандир аммо ундан инсоннинг.
Битта мисол: Бобуршоҳ авж гуллаган чоғ беомон —
Қўшин тортиб босиб олди дейлик ярим жаҳонни,

Жанггоҳларда, курашлардан топса умрбоқий шон,
Кезмас эди вужудан шоҳ, қалбан парчин ер бўлиб;
Машварату маишатлар забт этганда бегумон,
Устувор қалб қайтгач маҳзун тўкилмасди шеър бўлиб:

«Толе йўқи жонима балолиғ бўлди,
Не ишиники айладим хатолиғ бўлди
Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин не юз қаролиғ бўлди».

Гарчанд, суюк, буюк инсон, гарчанд собит ирода,
Ўз юрти деб ўртанмаган бирор они бўлмади,
Бу ҳолатни қайси тақдир ортиқ қилур ифода,
Ярим кўнгил ҳатто ярим жаҳон билан тўлмади.

Тожу тахтлар қутқармади қийноқдан митти жонни,
Ўз кўнглида туйиб ўтди жаҳоннинг бор фироғин
Гарчанд ақли ёритса ҳам ярим рўйи жаҳонни
Ёқолмасдан ўтган каби ўз кулбасин чироғин.
1982 йил 21 март


* * *

Эй сен, бўйин эгмас ғурур боласи,
Ким тўктирди кўздан ишқинг жоласин,
Бўйнингга ўрадинг сочим толасин,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Тоғлардан гап очма, тоғ сенга йироқ.
Боғлар ҳам, гарчандки гулга кирган оқ,
Улар сенинг кўнглинг гуллатмас бироқ,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Умрингга бахт келсин атир уфуриб,
Ё ғам келсин қора кийимда кириб.
Мен борман, сен ғамда қолмассан қуриб,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Ёнингдаман, ризқ-рўз ортиқ-камда ҳам,
Танҳо, ё дўст-ёрон жамулжамда ҳам,
Бу дунёга видо айтар дамда ҳам
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Олдин кетсам, руҳим бошинг тутадир,
Ортда қолсам кўнглим сен-ла кетадир.
Ҳар икки дунёга ишқим етадир —
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг
1982 йил 4 март


* * *

Бу ўғил меники эмас аслида,
Гарчанд энг сўнгги дам кўзларим ёпар.
Мен уни топгандим ишқим фаслида,
Ишқ фаслида у ҳам ўзгани топар.

Бу қиз ҳам бировга кетадиган гул,
Ушлаб қололмагай на зар, на тилло.
Мендан-да меҳрибон кимса бўлар ул —
Мендан-да вафодор чиқар ул илло.

Бу шеърми, шеърни ҳам ўзгалар олди,
Рашку гумондан гоҳ рангларим сомон,
Шеърки бу, бошимга минг ғавғо солди,
Келиб — келолмайман ўзимга ҳамон.

Воажаб, бул қадар ёлғизлик нега,
Ғаройиб 6у ҳаёт — биз ўтар йўлак.
Ҳеч ким, ҳеч нарсага мен бўлмам эга,
Севгилим, Сизга ўз ишқимдан бўлак.
1981 йил 5 декабрь


* * *

Саволларга мени ўрама
Бу йўллардан ўтар чоғимда.
Ким учун келдинг деб сўрама
Ёниб сенга етар чоғимда.

Кўзларимдан кетаркан тумон,
Гуллар ўсса кўнгил боғимда,
Ким учун деб қилмагил гумон,
Ишқий шеърлар битар чоғимда.

Ошиқ — ўзин ўтга урган жон,
Ишқ — қувончим, ишқ — дил доғим-да,
Ким учун — деб бўлмагил ҳайрон,
Ишқ деб куйиб-йитар чоғимда.

Ишқ кийик-ку, қилиб бўлмас ов,
Сайёд юрмас кўнгил тоғимда.
Ким учун деб боқмагил синчков
Талх зардоблар ютар чоғимда.

Кўзларимда «алвидо» қалқиб,
Бир тумонат сўлу соғимда.
«Сен учун» деб айтарман балки,
Сўнгги йўлга кетар чоғимда.
1981 йил 9 декабрь


КУЗГИ БОҒ

Кўнглим маъюс тортади кузги боғдаги ҳолдан —
Кушлар мунгли, излашар хайрлашмоқ чорасини,
Рангпар дарахтлар мунис солланишиб шамолда,
Бош чайқашиб қиларлар «йўқ, йўқ» ишорасини.

Сўнгги келади бир кун ҳар базмнинг, хуш вақтнинг,
Ботар пайтинг келгунча, қуёш, нуринг кўпроқ соч.
Қушлар кетгач ранглари сомон бўлар дарахтнинг,
Афтода япроқларин тўкиб қолар яланғоч.

Қийин бўлар ажралмоқ бири-бирини суйса —
Қийин ажралганларнинг заволини кўргайсан.
Қуш, дарахтки шунчалар бир-бири учун куйса,
Ёраб, кузда Инсонга ўзинг тоқат бергайсан.
1981 йил 6 октябрь


ҲАЙРАТ

Қайдасан, сен қўйдинг йўқламай,
Менда ҳам бу кўнгил тўқ энди.
Олдинги узун тун ухламай,
Жон чекиб ёзишлар йўқ энди.

Сен йўқсан, кўнглимда ҳаловат,
Илгари у эди душманим.
Йўқ энди олдинги тиловат
Бахт бор-у, бордай ҳам пушмоним.

Йўқотиб қўйдим бор дардимни,
Мен энди нимага ярайман?
Ёнимда суянчим, мардимнинг
Кўзига бепарво қарайман.

Бўлди бас, кўп чуқур бу гуноҳ,
Ким менинг кўнглимни совутди.
Ҳайрат, сен қайдасан, бўл паноҳ...
Лоқайдлик ёмғири ивитди.

Ҳайрат, кел, кўксимда кўтар қад,
Мен ёлғиз сеники бўларман.
Кун келиб ўлсам ҳам мен фақат
Ҳайратнинг қўлида ўларман.
1980 йил 2 сентябрь


ИҚРОРЛИК

Биламан, йўқ, сенга шак келтирмам, йўқ,
Бу кутмас замонда сен қанча кутдинг?
Неча бор кўксимга отилганда ўқ,
Мени четга суриб ўзингни тутдинг.

Биламан, пойимга йиқилди само,
Кўзингга сингганим — лаҳзадан бошлаб.
Бугун-чи қалтираб турибман, аммо,
Самовий топ-тоза юракни ғашлаб.

Наҳот сор бургутни шубҳалар енгди,
Нечун қарашингда азоб сурати.
Не учун кўзингда гоҳи гоҳ энди
Мен уқиб етмаган тўфон туради.

Аминман, шу юрак бермаса фириб,
Кўксимга тамғасин босмаса армон,
Ўтарман шу ишққа посбон туриб,
Унга фидо бўлиб ўтарман.

Яшаб ўтарканмиз бу олам аро
Ортимиздан севги отмас тоши — нард.
Севгилим, кўнглингни қилмагил қаро,
Мен сенинг ишқингга қўндирмасман гард.
1980 йил 11 сентябрь


ФЕРУЗАНИНГ ДАРДИ

Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» драмасини кўриб...

Ер қоп-қаро, осмон ҳам қаро,
Улар қисиб келмоқда жонни.
Мен йўқотдим бу зулмат аро
Улуғбекдай улуғ Инсонни.

Мен Феруза, Феруза шўрлик,
Бу дунёда бир илинжи йўқ.
Манглайида битилган хўрлик,
Манглайида шубҳа отган ўқ.

Карвон мени кетадир олиб,
Бегим сўнг бор эгадир бошин,
Ҳайҳот, рўё келди-ку ғолиб,
Сўндирди-ку толе қуёшин.

Мен бу рўё дунёдан безиб
Энди ўнгланмас туш бўламан.
Бу дунёни қаҳратон сезиб,
Толмабўйин оққуш бўламан.

Кейин учиб кетаман, кейин
Бу муз, қорни оралаб юрмай.
Видолашув бўлмайди қийин —
Кетгум бир бор юзимни бурмай.

Ўнг эдим-ку бўлиб қолдим туш,
Дунё, сени тутадир хуним.
Одамлардан безиб бўлдим қуш —
Улуғбекдан айрилган куним.

Энди тақдир эмасдир тақдир.
Тупроқ дейман дунёни, шонни.
Мен йўқотдим дунёда, ахир,
Улуғбекдай улуғ Инсонни!
1980 йил 11 сентябрь


ЙИЛ БОШИ ИСТАКЛАРИ

Тишда дов-дарахтлар бурканар оққа,
Қорга лаб босадир ўйларим маним.
Қадрдон қаламим оппоқ вараққа
Пичирлаб тўкадир куйган-суйганим.

Куйдирган, суйдирган дўстларим, салом,
Бул кун барчангизни чорлайман бир-бир.
Бул кун оқаради куррайи олам,
Мурувват қўлини чўзади тақдир.

Тишда қор бўралар, давра қизийди.
Суҳбат кетаётир нари-беридан.
Ким шуҳрат тожини эртароқ кийди,
Ким силжигани йўқ турган еридан.

Тож кийган қўймасин тожин тушириб,
Тож остида бошни асрасин кўпроқ.
Туриб қолган кетсин чопиб, чарх уриб,
Қуласин елкадан босиб турган тоғ.

Ким айтмади битта сўзни ийманиб,
Шу сўз учун унга тилайман журъат.
Куйманган кетмасин доим куйманиб,
Енгил нафас олсин тиклай-тиклай қад.

Кимки фарзандсизлик доғида юрса
Рўшнолик келсин-у, етиб куну ой
Биби Фотимадай қўш ўғил кўрсин,
Қўш бешик ўртаси бўлсин унга жой.

Ўксинган гўдакка кўзим тушган чоқ
Садоқати буюк йил келсин дейман.
Қай бир иттифоққа солсалар нифоқ,
Сиёсати буюк йил келсин дейман.

Хаёллар чарх урар бошимда маним —
Эрта кун қолмас деб ерда доғли зоғ.
Эрта бажо бўлар менинг айтганим,
Серғавғо дунё ҳам тортар сокин, соғ.

Кун келиб бу дунё бўлгай деб беҳишт,
Жимжитгина боғлар қилар ишора.
Бу қор ҳам шуларни айтмоқда, эшит.
Бу қор ҳам шундай деб қилар башорат.

Мен беҳишт шамолин яшириб сўзга,
Сўзладим, сўзларим ўпсин Ер шарин.
Пири-бадавлатлик, ОТАЛАР, Сизга,
Хотиржам бахт Сизга, ОНАЖОНЛАРИМ.

Жаннат жилғалари боғларда чопсин.
Йигитлар бўлсин деб Гўрўғли келбат,
Кимки танҳо, бу йил бахтини топсин,
Бемор дўст соғайиб кетсин, — деб албат.

Янги йил, бу оқ қор сўзлаган тунда
Базм суронларин кузатаркан жим,
Беғам ўтсин дейман,
Бедард ўтсин дейман йилингиз шундай,
Куйдирган, суйдирган дўст-ёронларим.
1980 йил 29 декабрь


ЎЗБЕКИСТОН ДАЛАСИ

Жоним туташ бўлиқ ер, Ўзбекистон даласи,
Авжи саратонида, ё қишининг чилласи,
Унинг бағридан қачон, келса ниманинг саси
Муҳрладим хотирга.

Бир-бирини суяган Ўзбекистон тоғлари,
Не тоғ, тик чўққилардан ошса арғумоқлари,
Арғумоқлар ёлида бўрон турган чоқлари
Қимиз тутдим ботирга.

Гўдакларини ўпдим баҳордан энчилар деб,
Жаннатдан келган жажжи, бахт элтар элчилар деб,
Бу элчилар шу ерда униб, ўсиб гуллар деб,
Ўчмас қилиб битдим хат.

Дўстлари, мен боримни унинг дўстига қўйдим,
Пойи қадамларини кўзим устига қўйдим.
Дўстликнинг жавҳарини тилим остига қўйдим,
Йўқотмайин деб абад!

Бир кун келиб теграмда тиниб ҳаёт қарсаги,
Менга ҳам етиб келар йўлнинг сўнгги фарсаҳи.
Қовушмоқ фурсати ҳам етибди, қарсакки,
Хотиржам, кўксинг аро қўядирман юзимни.

Шу тонг оппоқ бир эзгу қор тушадир тупроққа,
Оёқ-қўлим томирдай қоришадир тупроққа
Ва бу дунё айланар оқ қор, оқ гулга, оққа,
Мен шу тахлитда Сенга бағишлайман ўзимни.

Ўзбекистон даласи, Ўзбекистон даласи...
1982 йил 12 сентябрь


ТУРНАЛАР

Сув тинди, гуллар хазон, турналар айтар видо,
Кеч кузнинг сурати бу, кўникиш ҳам керак-да,
Не учун бу юракда сўнгсиз дард, сўнгсиз нидо,
Куз келмай учиб кетган турналар бор юракда.

Кўзимнинг қирғоғига аччиқ ёш бўлиб келар,
Зангор ишқ беҳиштига кирмаган турналарим.
Тушимда чаппар уриб боғларга тўлиб келар,
Ўнгимда кўзим тўйиб кўрмаган турналарим.

Қай юртда макон топди қай бирининг тупроғи,
Ким билар қай денгизда қай бири чўкиб кетди.
Кеч кузда, хусусан, шу турналар учган чоғи,
Қайтмаган турналарим кўнглимни сўкиб кетди.

Қайтгани, қайтганига қарайман, тўкиламан,
Бирида бир қанот йўқ, бирида эса бир кўз.
Ярим жон... мен титрокда бисотим титкилайман
Қаддини кўтармоққа бўлай деб бир тирак, сўз.

Қайтганлар, қайтганлар ҳам сийраклашар кундан-кун,
Ҳув қорда оқсоқланган уч-тўрт турнани қаранг,
Кузатаркан кўнглингни тўлдирмасми қасос, хун,
Асабларинг тортмасми чолғу симидай таранг.

Ҳеч йўқса шулар ҳаққи, лоқайд яшаш исноддир,
Яшашми, енгиб яшаш... Бошқаси ортиқча гап.
Ҳар лаҳза таранг тортиб яшаш бизга қисматдир —
Яшашимиз шарт бизнинг ханжар каби жаранглаб.

Улар-ку қасд қилдилар бизга фидо ўтмоққа,
Бобо мерос қутлуғ қон қандоқ тинч қўйсин бизни?!
Ҳаққимиз борми, айтинг, одамлар, унутмоққа,
Қайтган, қайтмаган оппоқ, оқ турналаримизни.

Сув тинди, гуллар хазон, турналар айтар видо...
1982 йил 12 сентябрь


ЁШЛИККА ЁЗГАНЛАРИМ

Бу сенми, эй кўзимнинг тиниқ оқу қораси,
Кунгай ерда барқ урган менинг кўк палаккинам,
Бир жони кўкда, излар ойда яшаш чорасин,
Бири саҳро-даштларда, тинмас жон, ҳалаккинам.

Там-там меваларини ҳам севиб, ҳам этиб рашк,
Йигирма ёшлиларнинг боғларидан бўйлайман.
Бугун ўттизда туриб, ўттиз армон аралаш,
Йигирма ёшимдаги имконларни ўйлайман.

Олис водийда бир гул ўсарди мен ёш пайтим,
У иқбол гули эди, чопдим тишга қўйиб тиш,
Етай-етай деганда аммо ортимга қайтдим,
Балки журъат етмаган, балки сусайган хоҳиш.

Инсоф билан айтганда, толеим келганди оқ,
Бир гавҳарим бор эди, ҳавас ҳаттоки ёвга.
Мен ўша гавҳаримни асрай олмадим бироқ,
Билмам, қайси ғофил кун бериб қўйдим бировга.

Мана, бул кун бошингда минг бир хил хаёл сузиб,
Сен чарх уриб турибсан, чарх ур, қолмагил тиниб,
Сен ғолиб қайтажаксан иқбол гулини узиб,
Қалб қатингда сақларсан гавҳар тошингни, иним.

Қай манзилда мадорим етмаган от сурмоққа,
Сен шамолдай ошгайсан у манзиддан, чопқирим.
Қайси тоққа чиқмадим эриниб от бурмоққа,
Хазиналар топгайсан сен у тоғдан, топқирим.

Сен зорингу борингни ошкор куйлар бир найсан,
Мен ҳар вақт ҳам айтмадим сирларимни қўш симга,
Мен илғамай ўтганни топиб авайлагайсан,
Ҳавасим келар Сенга, ҳавасим келар Сенга!

Гўдак эдим, манглайдан ўпиб қўярди ойим,
Янги ойни кўрганда учиб-қўниб югурсак.
Мен сенинг пешонангдан, ёшлик, ўпиб қўяйин,
Шояд, шоён қудратинг менга ҳам ўтиб турса.

Шояд, завқим, ҳисларим келсалар лашкар тортиб,
Отганимда мўлжалга уролсам бир зарб билан.
Икки гўдак ўғлимнинг хархашасидан ортиб,
Ёнсам, кунни ўтказсам ёниб турган қалб билан.

Ёшлик, шундай мен сени кўтаражакман бошга,
Соғиниб кўтараман,
Етказай деб юксакда сиғинганим қуёшга,
Сиғиниб кўтараман, соғиниб кўтараман!
1979 йил 20 сентябрь


УРУШ — БУ БИР ҚОРА СЎЗДИР

Уруш, бул қоп-қаро сўзни кўчираркан мен оққа,
Дейман уруш, 6у мажруҳ дил, бу хато йўл, поймол шан.
Шом қуйилар, бобосини гўдак тутар сўроққа,
«Бобо, нега қўлингиз йўқ, оёғингиз ёғочдан?»

Во дариғо! Ўйга толар, умр қайта яшалар,
Баргдай титраб ўтмишини қайта ўтаркан босиб,
Кечагидай кўриб турар: Вокзал, жигаргўшалар —
Хотинининг «кўришмаймиз» деб, кўтарган уввоси.

Улар қайта кўришмади, тўғри чиқди мудҳиш фол —
Ўлимлардан ўлмай қайтиб ўз уйида музлади.
«Бандалик — бу, метин бўлгин» тўзим тилаб қўшни  чол —
Хотинининг туғолмасдан ўлганини сўзлади.

У биларди, қалб остида хотини не яширган —
Ҳайҳот, хаёлида униб бекор аяб юрдими.
Тург йил ёшли кўзларини ўзи билан таширкан —
«Улмагин», деб ўлган кўзлар уни суяб юрдими?

Кейин эса... оҳ, кейинги ҳаётида не маъни,
Она сутин тотмаган шу гўдагини ўстирди.
Фақат уни кўтармоққа қўл йўқ эди тутгани —
Сўнг илдиздай чириётган оёқни ҳам кестирди.

Кейин эса, кейинини айтиб ҳам не қилади —
Уруш унинг тик қаддини ўтди-ку босиб-янчиб.
Унинг тўфонлари аро умид тоғи қулади,
У тугаган одам эди, бўлмаса шу юпанчи.

Унутмоққа уринади кўзларига тер тушиб,
«Во дариғ», дер, артмоққа бир қўл йўқ, фалак иши-да.
Унутмоққа уринади қонларига қоришиб,
Тунлар танк тагида қолиб, қичқирмаса тушида.

Тушларида хотиниюгаг нозларидан кўп куйди,
Тушларида ул боғларда ўйнар ғамлардан холи —
Чорлаб қочар, қувай деса оёқ ёғоч, оғрийди,
Қучоғига тортай деса қўл йўқ, қурир мажоли...

Уруш — етим чақалоқ у, поймол одам, поймол шаън,
Мен бу қаро дардни қандоқ оқ қоғозга қуяман...
1982 йил 5 ноябрь


БУГУННИНГ БУ САВОЛИ

Урушга кетган ҳар юз одамдан тўқсон еттитаси жанг майдонида ҳалок бўлди.
Газетадан.

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси...
Ҳар бир уйда сочларини тараб қолди етим моҳ.
Бу уйлардан абад кетди эркак иси, бахт иси,
Бу уйларга абад келди бўйдор ҳижрон, бўйдор оҳ.

Бул кун тўқсон етти уйнинг етимлари етилди,
Не кунларни кўриб босдик, қирқ йиллик йўл, орани.
Балки дерсиз, «қора кунлар ортда қолди, ўтилди»,
Дерсиз, «энди учратмасмиз етимни, бечорани».

Мен ҳам шунга ишонардим, ишонардим жон билан,
Гоҳ ҳаётда ўйларимнинг тескарисин кўрмасам.
Шеър ҳам ёзаверармидим қарсак билан, шон билан,
Анор гули янглиғ қизнинг ҳасратини сўрмасам.

Мен эшитдим қиз-йигитнинг номин қилганлар қаро,
«Ошиқ-маъшуқ»лиқда айблаб мактабдан четлатишган.
Муаллимлар сўнгти синфда, сўроқ, тўполон аро,
Бу иккисин ўқитмоқлик баҳридан ҳам ўтишган.

...«Биз еттинчи синфда эдик», кўзларида ҳасрат, дуд,
Қиз бошларкан ҳикоясин, маъюс, хотиржам эди.
Синфда олти ўқувчида ота-она эди бут,
Қолган барча-барчамизда кимдир, недир кам эди.

Биров ота, биров эса онадан сўз очмасди,
Қай бировда икков ҳам йўқ, демак сўз йўқ, ҳоли танг.
Фақат шу олти ўқувчи кўзин олиб қочмасди,
«Отанг, онанг?» зил саволлар келганда зич, кўндаланг.

Олтовида гуркирарди болаликнинг бахт ёзи,
Улар шодон қийқирганда бу дунёга сиғмасди.
Қолган барча-барчамиз ҳам кимлардандир норози,
Барчамиздан узун эди шу олтовининг дасти.

Шундан бошлаб мен ўзимга бир лойиқ жуфт ахтардим.
Кечирингиз, туйғуларим Сизга айтдим яширмай.
Чунки оғирлик қиларди бир ўзимга бор дардим,
Сақлаб қолмоқ бўлдим ўзни тушкунликка топширмай.

Тезроқ эрга тегсам дедим, топсам бир мард лочинни,
Дуркун болалар ўстирсам ишқ майсаси кўкариб.
Узун тунлар ҳидлаб чиқсам гўдакларим сочини,
Тонг, отаси олиб кетса боғчасига кўтариб...

Шундай бўлди, синфдошимга тегдим жон билан суйиб,
Бу менга бахт, майли кимга ғийбат, кимга панд бўлган.
Мен отамнинг юз-кўзини эслай олмайман тўйиб,
Масъул онам ҳам доим ўз иши билан банд бўлган.

Ўқимасам-ўқимасман, мен меҳрга оч инсонман,
Умрим бўйи бирор марта бахт ёзиб қулочимни
Отасининг елкасида ўйнамаган бир жонман,
Онам ўз ишидан ортиб ҳидламаган сочимни.

Йўқ, мен бундай яшамасман, умрим куяр шам қилмай,
Бахтим дил сўраса унга мен жонимни тутгайман.
Мен гўдаклар ўстирарман бир кўзини кам қилмай,
Улар боис не юк келса, елка тутиб ўтгайман...»

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси,
Нақ қирқ йиллик деворларнинг ортида-ку ул тунлар.
Бул кун нечун хонадонда камаймоқда бахт иси,
Қайдан пайдо бўлмоқдадир бул кун тирик етимлар?!

Айтинг, бул кун бунчалик мўрт хонадонда устунлар,
Бунча мискин сўнг уларга суянолмай қолгувчи.
Бул нимадир кўкраклардан ўрлаётган тутунлар,
Бул сабаблар, тақдирларни турли йўлга солгувчи...

Унда, урушга юкладик бор етимнинг уволин,
Бугун кимга юклармиз бахт бекорлигин бугуннинг.
Нақ бўғизга келиб қолган бугуннинг бу саволин,
Бугуннинг бу мажруҳ дардин, беморлигин бугуннинг?!

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси...
1982 йил 5 сентябрь


РЎМОЛЧА
(баллада)

Онам Шарофат Хонназар қизининг ёрқин хотирасига

Умримиз-ку абадиймас,
Ногоҳ келса ниҳоя,
Бир кун қилиб жонимга қасд,
Ўлим соларкан соя.

Шунда мени ул уммонга
Қайтаркансан топшириб,
Икков яшаган маконга
Қандоқ келасан кириб?

Қай тарз эшик итарасан,
Қалтирамай бефарёд?
Қаддинг қандоқ кўтарасан,
Кўкрагингдан босса дод!

«Энди она деймиз кимни?»
Ўғлим боши хам келса:
Қизчам ҳидлаб кўйлагимни,
Урён солар дам келса?

Соғинишлар қилмасми соб,
Биров қилса таърифим,
Бу ғамларга қандоғам тоб
Берадурсан, ғарибим?

*

Гарчанд сенинг мен хиёнат,
Аҳдсизлигинг истамам.
Аммо инон, то қиёмат
Бахтсизлигинг истамам.

Мен-ку Сенга абад толмай,
Бахт бўлмоққа уриндим.
Кечир, сўзим оқлай олмай,
Аро йўлда суриндим.

Аро йўлда отинг ёлин
Силамадим, кечиргин.
Аро йўлда қолдинг, толе
Тиламадим, кечиргин.

Энди эрир тоғлар қори,
Бизнинг боғлар гулламас.
Сочинг оппоқ оқарар-у
Биров севиб, силамас...

*

Йўқ, йўқ, нега энди, ахир...
Яшашинг шарт устивор.
Тирикка ҳам яшаш оғир,
Душмани бор, дўсти бор.

Йўқ, бошингни солма қуйи,
Мен бошингни эгмовдим.
Бу дунёдан шундай куйиб
Ўтарсан деб тегмовдим.

Бу не ҳолат, мудом ўйда,
Ғамни тахлаб юрмоғинг.
Ғанимат-ку кўча-кўйда
Бахт етаклаб юрмоғинг.

Мен розиман, дўзахий ҳол,
Токай оғу ютарсан?
Истар эсанг бирор аёл,
Майли, кўнглинг кўтарса...
Мен розиман!!!

Аммо мендек ҳоли тангнинг
Қолмай десанг жабримга,
Шул қора тонг рўмолчангни
Келтириб қўй қабримга.

Рўмолчаки тикиб шоён
Ишқдай совға қилганим,
Шул тонг балки бўлгай аён,
Япроқдай тўкилганим.

Ўлганимни шул қора тонг
Илк бор балки сездирар.
Тириклардан, ўликлардан
Илк бор балки бездирар.

Илк бор ёғар бошимда қор,
Қабрим билан чўкарман.
Рўмолчага шул тонг илк бор,
Сўнг бор ёшим тўкарман.
1981 йил 25 сентябрь


ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИДА

Туманда уруш қурбонлари шарафига ўрнатилган ёдгорлик олдига мингта қизил гул ўтқазилган. Ҳар бир қизил гул тупи олдига сафимизга қайтмаган қаҳрамонларнинг номлари битилган.

Тоҳир ўлди, ерга кирди тириклайин сор бургут,
Зуҳро ўлди, ерга кирди шамшод сарву сановбар.
Қора тўфонга дуч келиб бирдай ўчди икки ўт,
Кетса кетган маъқул экан иккиси ҳам баробар.

Мен кўрганман кетган Тоҳир, кетолмаган Зуҳрони,
Ана бири... тек ўлтирар кўзларида қотган муз.
Мажнун кетиб Лайли қолса ўт оларди саҳрони,
Бул Зуҳро шул ўт ичида кун кўради то ҳануз.

Оҳ, бу уруш... тина бошлар қайтадан кўзим олди,
Ёнган ўтинмас, одамнинг кул тушиб кўнгилга.
Тасаввур қил, бир ёш йигит гулга айланиб қолди,
Биз бир тирик жондан айру, эга бўлдик бир гулга.

Тўрақўрғон туманида мингга қизил гул ётар,
Мингта шунқор йигит рамзи, кўнгил фарёд солма, бас,
Оппоқ-оппоқ тонглар отар, қирмиз-қирмиз кун ботар,
Бул йигитлар қаттиқ ухлар, Зуҳроларни эсламас...

Айрилиқнинг азоблари шунча талхми, тахирми —
Ошиқ бошин кўтармасми маъшуқага эмраниб.
Зуҳрожон, сен келгандинг-ку уйғотай деб Тоҳирни, —
Йўқ, Тоҳир йўқ, қабр устида бир гул турар тебраниб.

Шу манзилга қатнай-қатнай не Зуҳролар ўтди тоқ,
Мен билмайман улар ғамин замин қандай кўтарган.
Оҳ, Тоҳирлар, бевафолар ташлаб кетдингиз қандоқ,
Тоҳиридан айру Зуҳро қачон гуллаб, кўкарган?!

Сўнг хаёлчан шу бугунги Тоҳирларни топаман,
Табиат-ку уларни ризқ-муҳаббатдан қисмади.
Сўнг сингиллар — Зуҳроларнинг манглайидан ўпаман
Бошингизга тушмасин деб ул Зуҳролар қисмати.

Зуҳроларки ҳар лаҳза шай ишққа қурбон бўлмоққа,
Улар сўлиш билмай яшар Сизни суйиб, толдириб,
Ҳеч бўлмаса, Зуҳро учун ҳаққингиз йўқ ўлмоққа,
Ўлдирмоққа ҳаққингиз йўқ, ортда тирик қолдириб.

Минг Тоҳир-ку мангу ухлар шуҳратларга кўмилиб,
Минг Зуҳронинг узун умри хазон, гулга термулиб...
1981 йил 2 сентябрь


АЁЛ МОНОЛОГИ

Америка нейтрон бомбасининг ихтирочиси: «Ҳамма одамлар ёвуз», дейди...

Ренуар мени нурдан чизиб чиққан, биласиз,
Петрарка «илоҳам» деб кўзин тиккан, биласиз,
Навоий узун умрин, ўзин тиккан, биласиз,
Биласиз қай куч билан банд этгайман хаёлни,
Наҳот ёвуз атайсиз Сиз ҳаттоки аёлни!

Чекинмасми қаро тун мен кўтарсам киприкни,
Айтинг, ким буза олур солсам ишқий кўприкни,
Қайси эркак унутмас мени кўргач, ўқ, тиғни,
Ишқ олдида нима у, уруш, ҳасад, сийму зар,
Сиз ҳеч аёл ишқига бўлганмисиз муяссар?

Дарвоқе, ишқ, ишқ билан Сиз чиқиша олмайсиз,
Ишқ бир беҳишт, унга Сиз абад туша олмайсиз,
Сиз муз бўлиб кетгансиз, эриб, жўша олмайсиз,
Аёл борки бу музга тегиб қолса мунгланиб,
Дуоибад қилурки ололмассиз ўнгланиб.

Эътироф этаманки, Сизда чуқур фикрат бор,
Аммо мақсад қорадир, мақсадда кўп иллат бор,
Ер юзида ризқ терган не давлат, не миллат бор,
Ҳар бирида Сиз каби не-не ақли даҳолар,
Улар одамни Сиздан бошқачароқ баҳолар!

Эркак яратувчи зот, Сиз-чи, қуритмоқчисиз,
Борки тирик жонзотни лаҳзада ютмоқчисиз,
Гўдак, қушни кул қилиб устидан ўтмоқчисиз,
Қайдан Сизда бул қадар ёвуз кўнгил, ёвуз ўт,
Ахир Сизга ҳам аёл она бўлиб берган сут.

Кечаги урушдан-ку диллар ҳануз доғликдир,
Сиз бир қоғозсиз, унда мудҳиш ўт ўроғлиқдир,
Балки туб илдизингиз Гитлер билан боғликдир,
Шундай, халкдан даҳолар билан иблис ҳам чиққан —
Менга сингишмас туйғу — Сизни ҳам аёл туккан.

Агар онангиз бўлса у ўтга отган ўзни,
Виждон хотинингиздай ташлаб кетгандир Сизни.
Йироқ-йироқда туриб мухтасар қилсам сўзни,
Она, Аёлки Сиздан юз ўгирдими рўй-рост,
Демак, хаётингизда инқироздир, инқироз!

Ренуар мени нурдан чизиб чиққан, биласиз...
1981 йил 4 сентябрь


ЮРТИМГА

Ўз юрагим кенглигига ҳайронман ўзим —
Ҳуркиб қочган оҳу унда, ундадир ўқ-ёй.
Порлаб кетди юрагимни кўраркан кўзим —
Ўзбекистон борлиғи-ла ундан олмиш жой.

Мен сезмабман, яшабманки то шу чоққача —
Бутун ҳолда ўзни сенга топширганимни.
Ўзни сенга, сени эса олтин соққадай —
Ўз кичкина юрагимга яширганимни.

Она бўлиб, мен эгилсам силадинг бошни,
Борарканман бу меҳрли қўлга ўрганиб.
Ўз кичкина юрагимга кирган қуёшни —
Катта юртни — юртим, сени қолдим-ку таниб.

Олма янглиғ шу юракни авайламоқ шарт,
Унда сен бор, ахир, абад билма сен завол.
Яшай дейман сенга зарра юқтирмайин гард —
Кўклаётган кўк баргингга тегдирмай шамол.

Унда ғужғон қалдирғочлар бошлашар ўйин,
Қалдирғочларга қўшилиб куйлайин зап ман.
Кўкрагимда қад кўтарган хирмонлар бўйин —
Оппоқ пахта хирмонларин авайлаяпман.

Бир бурчида чавандозлар ўйнатадир от,
Боқиб туриб ўз отамни, отни ёдладим.
Чавандоздай учмоқда-ку от суриб ҳаёт —
Қоқилмасин кўксимдаги учқур отларим.

Бир томонда шафтолизор, ёйилади нур,
Куртаклар нақ қуш тумшуғи — чокларин сўкиб.
Улар қўшиқ айтмоқ учун лаб очар ҳозир,
Ҳозир куйлаб юборади улар энтикиб.

Москванинг қиши илиқ, яйраркан тўйиб —
Ғарч-ғурч босиб борарканман топ-тоза қорда,
Бола янглиғ бир зум ўзни унутиб қўйиб,
Югураман кўксимдаги шафтолизорда.

Оппоқ гулга кирган олча тагида кейин —
Ўлтираман чиройингга кўзим тўймай, тўрт.
Ақлим танигандан тортиб то тобут куйин —
Тинглагунча кўкрагимда яшайсан, сен юрт!
1980 йил 22 апрель


КЎКЛАМ ЭРИТАЁТИР...

Кўклам эритаётир дарёдаги музларни,
Осмон ёзиб-ўчирар чақмоқ айтган сўзларни.
Ковул-каврак қопламиш тағин тоғу тузларни,
Чулдираган ирмоқлар бир-бирини «сизларми»,
Кўклам, кўклам келибдир тағин йўқлаб бизларни.

На хуш-эй, на аломат рўзи равшан фасл бу,
Тоқат билмаган тоқат, бир шўх, бир шан фасл бу,
Ўтган ғамлар ёнар хат, ёнар гулхан фасл бу,
Наинки бир табиат, кўнгил кулган фасл бу,
Кўк майсалар беркитар қишдан қолган изларни.

Қиш қорларин оралаб, билмам, қайси он севдим,
Ишқ гулига босдим лаб, кўкламдан нишон севдим,
«Севдим» — бу шунчаки гап, чиққундайин жон севдим
Ул дедики: «Ростми шул», — мен дедим, ишон, севдим,
Ул дедики: «Севгиси омонатдир қизларни».

Омонат бўлса уни омонатда осурлар,
Хиёнатни кечикмай хиёнатда осурлар,
«Ишқни осган нонкўр», деб тумонатда осурлар,
Бу кўклам, 6у беҳиштмас, қиёматда осурлар,
Ерга туширманг, бегим, кўкдаги юлдузларни.

Омонатни ишқ, ҳаққа содиқ наво ўлдиргай,
Ерни босиб юрмакка кўрмай раво, ўлдиргай,
Зурриёдин қатлига ўзга эмас, ўзи шай,
Одам Атога содиқ Момо Ҳавво ўлдиргай,
Ўзи яратиб ўзи сўндиргайдир кўзларни.

Майли, шабу рўзида нур, йўл бўлсун бу олам,
Чавандознинг кўзида Дулдул бўлсун бу олам,
Назмгўйнинг сўзида бир гул бўлсун бу олам,
Лек ишқ омонат бўлса кул-кул бўлсин бу олам,
Чорак аср мен наҳот омонатни изладим.

Басе, бас, кўк фаслда мундин ортиғи ортиқ,
Ишқ омонат эмас, йўқ, ишқ ғанимат бир тортиқ.
Ишқ гул эмас, кўкракка бешафқат санчилган тиғ,
Ё ўлдиргай, ё эса қуёшга кўтаргай тик.
Қуёш ўтими яқин, алвон букун юзларим.

Ишқсиз бўлса ҳамроҳга шавқим, додим йўқ менинг,
Юлдузим тушгай чоҳга, давоматим йўқ менинг,
Ерни буркарман «оҳ»га, ҳаловатим йўқ менинг,
Ишкдин ўзга Оллоҳга тиловатим йўқ менинг.
Шул сабабким севгини аршга қўйиб «Сиз»ладим.

Бас, бу фаровон наврўз, қуёш яқинроқ келгай,
Осмон тошар, ер эса сабзи сўлу соғ келгай,
Кўклам булбул, зоғларин кўкраги бедоғ келгай,
Шунчалар инондим мен, бу тонг албат оқ келгай,

Қуёшга элтар йўлда қолгай менинг изларим.
Кўклам эритаётир дарёдаги музларни...
1980 йил 16 март


БУ БАЙРАМ ОҚШОМИ

Бургутдайин ўғил, гилосдай кизнинг
Бошида новдадай эгиладир жон.
Бир минг тўққиз юзу етмиш тўққизни —
«Болалар йили», деб қилдилар эълон.
Юраклардан кетмас бир зарб, бир сас бу,
Беҳишт боғларидан келган нафас бу.

Бу йилги ер шарҳи сиғмайдир сўзга,
Тер билан, қон билан бўлмиш омухта.
Тағин минг тўққиз юз етмиш тўққизга
Тўкинлик йили, деб қўйдилар нуқта.
Нон билан, дон билан тўлган дала-қир,
Балким гўдакларнинг насибасидир.

Уч қуш сенга қайдан келди-ю, қўнди? —
Деманг, уч гўдакка мен ташисам бол.
Бу уч қуш қўлимга бирма-бир қўнди,
Муҳаббат боғида мен турсам беҳол.
Сўнг мен учун юлдуз, ойланди улар,
Кўзим қароғига жойланди улар.

Сатрларим менинг атирлар сочмай
Турибди, бўш бағрим тўлдира қолинг.
Эшигимдан аста бош суқиб қочмай,
Чуғурлаб хонамга тез кира қолинг.
Тутолмай қоламан бирининг барин,
Ўйнаб кетиб қолар қорачиқларим.

Пушкин қушча бўлган туғилган маҳал,
Ниҳол яширади улкан дарахтни.
Қандай мушкулларни қила олур ҳал,
Улар ким бўларкан улғайган вақти?!
Қароғимдан чиқиб кетса ҳам қаён,
Шоён бўлсин дейман, манзили шоён.

Барча қушчаларга шуни тиладим,
Бири дуч келмасин тўфон, қуюнга.
Баъзан тун қувлик-ла бошин силайди —
Тонгми деб ўзини урмасин тунга.
То йўлда юзтубан чалмасдан бир дард,
Жажжи қуш Пушкинга айланмоғи шарт.

Азиз дўст, сенга ҳам боғлиқ, бу якун
На ўнгдир, ёруғроқ бўлсин ҳатто туш.
То бирор кун келиб, қуш боғингда хун,
«Янглиш қўндимми», деб бўлмасин хомуш.
Ўғлон бу — инсоннинг жонимиш, ахир,
Қиз деган юракнинг қонимиш, ахир.

Дўстларим, бир лаҳза оёққа қалқинг,
Бу байрам оқшоми порлоқдан-порлоқ.
Келажаги учун шу ғолиб халқнинг
Қўллардаги жомни оқ урамиз, оқ.
Жайрон йигит-қизнинг қаҳқаҳи билан,
Беҳишт қушларининг чаҳ-чаҳи билан.
1982 йил 26 декабрь


* * *

Тақиқласам, айтар сўзинг айтмаганингда,
Кет десам Сен кетиб, ортга қайтмаганингда.
Жиндаккина қўрқар эсанг обрў-шаънингдан,
Итоат сен билан қолиб, мен кетар эдим.

Кўриб қолсам бир ожизга учраганимни,
Лахза-лаҳза чўкканингни, кичрайганингни,
Пучлигини кўриб қолсам мағзинг, маънингни,
Кўрмайин деб кўзларимни беркитар эдим.

Унда ашким ёмғир янглиғ сероб бўларди,
«Бахт» деб баридан тутганим сароб бўларди.
Кўшкли тахтим нурай-нурай хароб бўларди,
Икки қўлим битта тепа, тоқ ўтар эдим.

Тақиқласам, айтар сўзинг айтмаганингда...
1981 йил 5 май


ТЎЙ КЕЧАСИДА КЎНГЛИМДАН КЕЧИРГАНЛАРИМ

Синглим Гулнорага

Устоз Ғафур ҳакимона башорат қила билган —
Қалб қонидан бўлмоқлигин қиз деганнинг барини.
Одам Ато йигит чоқда қиз бола деб қувилган,
Ўкинмасдан ташлаб кетган беҳиштнинг боғларини.

Сиз эҳтиёт бўлинг, куёв, қўлларидан тутмоққа,
Мен беҳуда қиз боладан бошламадим сўзимни.
Мен ҳам келин бўлмоқлигин эслаб тушдим титроққа,
Хали бир ёшга етмаган ёлғизгина қизимни.

Сиз эҳтиёт бўлинг, куёв, қўлларидан тутмоққа,
Ўн саккиз йил сақладик биз уни эҳтиёт қилиб.
Сўз бормикин бу кечдаги ҳисларимиз битмоққа,
На ҳислар, бор вужудимиз кетмоқда-ку тўкилиб.

Юрагингнинг бир четини юлиб кетар экан қиз,
Севмоқ — асли бу дунёда қийноқдаги жон экан.
Кўкракдаги юракнинг бир бўлагини беряпмиз,
Сиз юракнинг шу қисмини асрай олинг, жон укам.

Гул сувида Гулноранинг сочин ювмиш онаси,
Кумуш янглиғ тоза гул бу, гуллигингча қол, денг Сиз.
Айтинг, куёв, иболанмай келганида хонаси, —
Сиз бу аркнинг танҳо гулин қачон кўриб қолдингиз?

Биз тўйга Отабекни ҳам хотир ёнган дам айтдик,
Кумушнинг руҳи олдида бошларимиз хам, айтдик,
Қўш олчадай бу куёв, 6у келинчакни кўрсин, деб,
Суюнсин, деб жаннатмакон Қодирийни ҳам айтдик.

Бул даврада, бул замонда бахт бўлса ҳам тилда ёд,
Яшасак ҳам ҳаётнинг шан шаробидан сипқариб,
Қандоқ титраб тўлғонмасин, тўкилмасин одамзод —
Юрагининг бир бўлагин берар экан чиқариб.

Биз Сизга юрагимизнинг бир бўлагин беряпмиз...
1981 йил 26 август


КУЗГИ ДАРАХТ

Бутоқ, япроғида куз тафти,
Шовуллаб турибди бир дарахт.
Хазонлар танасин ўрабди,
Ловуллаб турибди бир дарахт.

Бўронлар буколмай шохларин —
Бағрида сайратди қумрини.
Эшитган йўқ унинг оҳларин
Оҳ тортмай ўтказди умрини.

Ҳали ҳам кетган йўқ мадори,
Ҳали соз созларга ўхшайдир.
Баҳордан ёш эди баҳори —
Кузи ҳам ёзларга ўхшайдир.

Тун бўйи, умр бўйи ўчириб,
Ёзиб топай улкан бахтни,
Ўтқазай умримга кўчириб
Ловуллаб турган шу дарахтни.
1981 йил 2 сентябрь


БАХТ

Сен келдинг шамолдай шайланиб,
Деразалар ёпилди дарҳол.
Сўнг келдинг ёмғирга айланиб,
Деразани ёпдилар. Увол.

Сўнг қор бўлиб келдинг, кўзларин
Деразанинг зичлаб ёпдилар.
Қайтмас бўлиб кетдинг. Ўзлари —
Сени излаб ортдан чопдилар.

Ўнг келардинг, мен дердим: «Бу — туш», —
Шундай ўтди гул йиллар урён.
Аввал қувиб қанча вақт сархуш —
Кейин излаб қанча вақт гирён.
1981 йил 16 ноябрь


ОНАЛАР ҲАҚИДА

«...Энажон, учайми Сизга худди ўқ,
Энажон, йўл қараб кўзларим толди».
— Гўдагим, шаҳарга боролмайман, йўқ,
Тоғангнинг хотини қўзилаб қолди.

...Ўғлиму онамнинг ёзган хатларин
Ногоҳ ўқиб қолиб ёндим, қизардим.
Бу бизнинг айбимиз — турган қатланиб,
Бу менинг ҳеч кимга айтмаган дардим.

Умр-ку ўтди, босиб уруш деган тоғ,
Ҳануз ўртар бевақт ҳижрон солган из.
Нечун шу кексалик чоғлари ҳатто
Унга беташвиш бахт беролмаймиз биз.

Сўзда-ку юксақдан юксакка олиб,
Чиқариб қўямиз аршга улуғлаб.
Аҳвол танг келганда биз четда қолиб,
Энг мушкул ҳолларда нега улар даф?

Беллари букилиб, кўтараркан даст,
Эзгу умидларга йўғрилган чоқда;
Мунаввар келажак ота-онамас,
Бувилар қўлида йўлга кирмоқда.

Майлига,
Ва лекин, дўстларим,
Толғин чеҳраларга қуйилсин нурлар.
Гўдаклар бир нафас Сизларга ўтсин,
Бир лаҳза бор кир-чир, супур-сидирлар —
Таманно келинлар, қизларга ўтсин.

Бизлар ҳам тўхтатиб пойгани, отни
Уни авайлайлик бир ғанимат он.
Бор умрини бизга бахш этган зотни
Бир лаҳза севмоққа топайлик имкон.

Бир лаҳза «чоп-чоп»у, «кув-қув»дан бўшаб,
Эрк берайлик беҳол, шавқ, оҳимизга.
Бир лаҳза яшайлик фарзандга ўхшаб,
Онамизни олиб паноҳимизга.

Йўқса бу нораста нидо қўймас йўк,
«...Энажон, учайми Сизга худди ўқ...»
1981 йил 16 сентябрь
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:07:50
- «МУҚАДДАС АЁЛ» ТЎПЛАМИДАН -
(1987)

Бекор жангу-хунлар учун аза очинг,
Ёлгиз ўтган тунлар учун аза очинг.
Ҳатто тогнинг айиқлари жуфт ахтарар,
Сиз, сўққабош кунлар учун аза очинг!


ОНА САДОҚАТИ ВА ЎҒИЛ АРМОНИ ҚИССАСИ
(бахшиёналар)

Уруш битди. Келган келди, келмаган йироқларда қолди. Кўнгли ярим келинлар қозонларини сувга солди. Кўксини ерга бериб совунган ким, йиғлаб боласига алла айтиб овунган ким. Юраклари узилиб, сарғайган ой юзидан кўз ёшлари сизилиб, гўдагини аллалаб ўтирган Сайрам келин бир вақтлардаги гум-гурсдай қайнонасини эшикдан шарпадайгина кириб келаётгани, жия-жияси қуриб келаётганини пайқади. «Аҳ, ёмон куни қурсин-а, энам шўрли Равшанимни отаси урушга кетмаган пайтлар бир силтаниб уйимга кирса, фармонбардор овози гуриллаб, тахмонимдаги кўрпа-тўшагимгача зириллаб кетмасмиди?! Бугун эса... бугунги кунимга у айбдордай, нимага кўзимга тик қараёлмайди?!» Шу аснода бўғилиб, Сайрам келиннинг нафаси қайтди, қайнонаси қийналиб, айтолмай юрган гапини айтди:

Аввал ўти куюшмаса деб куйиб юрдим,
Кейин қулуним қўш бўлди, деб суйиб юрдим.
Отинг ўчгур бу урушам бир илинж эди,
Бўталоғимни тушда кўриб, ийиб юрдим.
Онанг ўлсин, куйганимиз рост бўлди-ёв,
Болам, қора кийганимиз рост бўлди-ёв.

Қулунимни қаерлардан топай энди,
Қулунига қора бахмал ёпай энди.
Ёлғизимдан ёдгоримни менга бер-да,
Ит бўл, қуш бўл, сен кўпайгин, кўпай энди.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Келин эмас, шўрли болам, болам бўлдинг
Жон чиққунча кўксимдаги нолам бўлдинг.
Шу гапларни айтган тилим қирқилса-чи,
Қандоқ узай, жонга боғлиқ толам бўлдинг.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қашқаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Шамолман, мен, уни елпиб, эсмоқ учун,
Беланчакман, ётмоғига осмоқ учун.
Онанг ўлсин, ёдгоримни ташлаб кетгин,
Кўксимдаги жароҳатга босмоқ учун.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Буғдой чочсин, тариқ чочсин гул келиним,
Йўлларидан ёвлар қочсин, гул келиним,
Бу шўру тор пешонамга сиғмадинг-ку,
Пешонангни олло очсин, гул келиним,
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Сайрам келин бу сўзларни тинглаб ич-ичидан инграб, «Ҳаҳ, тўрамнинг ўлгани, бу хонадонга ортиқчалигим сезилибди-да», деб унсиз фиғон чекиб бу рўзғорга келин бўлиб тушганидан бери биринчи маротаба қайнонасига тик қараб бу сўзларни сўзлайверди:

Оҳ, энажон-ей, болам дейсиз-у алдайсиз —
Ёки ўлсанг ҳам мендан йироқроқда ўл дейсиз.
Равшаннинг отаси ўзингизники эмасмиди,
Қайси тил билан «ўзгага хотин бўл», дейсиз.
Тўрамнинг ўлгани ўнг кўриндими, энажоним-а,
Кўзингизга дўнг кўриндимми, энажоним-а.

Ботса берманг егани бир тишлам нонимни,
Тинч қўйинг, эна, тўнкармасдан осмонимни.
Бунда ёдгорим, бунда-ку ёруғ жони-жаҳоним.
Қандоқ кетайин мен опқочиб ёлғиз жонимни?!
Хдр тун тўрамни туш кўради-ку бу ёстиқлар,
Узга бош тегса чинқиради-ку бу ёстиқлар.

Майли, умрим — қиш, кураганим қор бўлсин — денг.
Фақат ўзга эр номус бўлсин денг, ор бўлсин — денг.
Бегона эркак тўшагимни босган куни
Чилвир сочларим узун бўйнима дор бўлсин — денг.
Қақшаб, ўзингиз ўтказмасдан тўйим, Эна,
Ўз қўлингиз билан мени қабрга қўйинг, Эна!

Ана шунда қайнонанинг кўзлари «ярқ» этиб очилгандай бўлди. Хаёлида: «Оҳ, шўрлик болам-а, сенинг хаёлинг бошқа экан-ку, не ҳадикда юриб эдим, бугунми, эртами барибир кетади, ёш нарса, неварамниям олиб кетади, ўт кетди, хонумонимга ўт кетди, деб, титроқларда туриб эдим», — каби ўй-хаёлларини ўзича пичирлаб Сайрам келинни бағрига босди. Келиннинг билаклари ҳам ток новдаларидай унга чирмашди. Иккаласининг ҳам кўз ёшлари шашқатор. Бироқ бу ғам ёшими, қувонч ёшими илғаш қийин эди...

Кунлар ўтаверди. Умр кетаверди. Казоси етиб қайнона кўзини юмди. Сайрам келин бир фарзанддай қайнонасини иззатини жойига қўйиб кўмди. Равшан қирчиллама йигитмисан йигит бўлиб вояга етди. Бутун орзу-армонини шу ёлғиз боласида кўрган она унга қишлоқнинг олд қизини олиб берди. Ҳою ҳавас билан уйлантирди. Энди Сайрам келин илгариги пайтлардагидай инграниб нола қилмай қўйди. Вақти ҳам бўлмай қолди, шекилли. Ўзиям келини ҳар йили қўзиладими-ей... Олтинчи фарзанди дунёга келганда Равшанбек оғир дардга чалиниб тўшак тортиб ётиб қолди. Сайрам келин тағин узун тунлар тўшакка михланиб ётган Рустами достондай бемор ўғли бошида инграниб нолами, аллами айтиб ўтирадиган бўлди.
Беморнинг аҳволи кундан-кун оғирлашаверди. Бир кеча ҳолдан кетиб бораётганини сезган Равшанбек хотини-болалари билан тинчгина видолашди. Рози-ризолик тилади. Онаси билан, яқин қариндошлар билан ҳам. Кейин, бир силтанди-ю, равон тилга кирди. Унинг кўзи юмуқ, алаҳсираётганга ўхшар, аммо бу тиниқ, шиддатли сўзлар, ўлим олди алаҳсираши эмаслиги, бутун умр ўйланган, аммо айтилмаган, юракда сақланган дардлар эканлиги билан онани, ўтирганларни кўнглини алғов-далғов қилиб юборди. Мана бу ўша лаҳзадаги Равшанбекнинг айтганлари:

Энам, Сен энадан эдинг ёлғиз қиз,
Не учун мениям ёлғиз ўстирдинг.
Бировга суянаолмадим, эсиз
Сениям ҳамиша ғамбода кўрдим.
Укам деб бировга беролмадим юк,
Синглим деб бировга айтолмадим сир.
Энам-а, энажон, Сендай эна йўқ —
Қийналиб яшадим, менам барибир.
Одам қизиқ экан, опанг бўлса кеб
Бошинг силаб, дардга дармон бўларкан.
Эркаланиб «ака, акажоним» деб
Бировга осилмоқ армон бўларкан.
Мен-ку, майли, кетиб боряпман, мана,
Кўксимни мўлжалга олмоқда дард, ўқ.
Энам-а, энажон, бу эмас таъна,
Фақат энди мендай ғамгусоринг йўқ.
Тойлар от бўлгунча юрак бўлар лат,
Менинг гўдакларим ўсганга қадар,
Энажон, энам-а, тўкилма фақат,
Унгача енгмасин Сени ғам, кадар.
Энажон, не учун тегмадинг эрга,
Бир ўғил, ҳеч йўқса бир қиз бўлсайди.
Отамни-ку, ахир, бергандинг ерга
Оғам деб йиғлашга бир кўз бўлсайди...
Бир елка бўлсайди суянмоғингга,
Мен кетгач эгилиб қолмоғинг тайин.
Мен қандоқ чидайин Сенинг доғингга
Ёлғиз қолмоғингга қандоқ чидайин?!
.................................................................
Сўнг сўзни қайтарди тушиб жиқ терга,
«Энажон, не учун... тегмадинг эрга?!»

Ў, жигарларим-а, ўзи бу дунё ўйласанг ўтириб ўйлайдиган, тўрт томонидан бўйлайдиган дунё. Аммо, манави ҳолда мениям ўйим битмай, ким ҳақлигига кўзим етмай қолди-ку. Кўпдан кўп гап, кўп ақл чиқади. Шуни ўйлаб бу бовурларимнинг ҳаётини қандай бўлса шундайича Сизга айтиб беришни лозим топдим.
1984 йил 20 июль


ТУҒИЛИШ

Ашурбекка

Кечки мажлисни қизғин олиб бораётган Бобожон раис бирдан дудуқланди. Тилдан қолди. Кўнгли беҳузур бўлиб, жонсизланаётганини ҳис қилди-ю, стулга чўкди...
Оёқ-қўли ишламай қолган раисни кўтар-кўтар қилиб уйига олиб бориб ётқизаётганларида, қўшни хонада хотинини тўлғоқ тутарди. Хотини жон аччиғида инграр, ҳар инграганда Бобожон раис қўзғалмоқчи бўлиб интилар, катта-кичик болаларига «Онангга қаранглар» ишорасини қилиб имларди.
Вақти-соати етиб хотинининг кўзи ёриди. Ўғил туғилди. Во дариғ! — ўйлади Бобожон раис шифтга тикилиб ётиб, тўкилиш, туғилиш... бир лаҳзанинг ичида.
«Суюнчи бейинг, суюнчи бейинг», — доя кампир оппоқ ўралган чақалоқни «гапиртириб» отасига кўрсатгани олиб чикди. Бобожон раис чақалоқнинг ўзиникига ўхшаш қирра бурни, чўзинчоқ юзи, киприксиз кўзларига тикиларкан, нимадир айтмоқчи бўлиб тутилиб қолди. Кўзи жиққа ёшга тўлди. Унинг интиғу зор йиғлаган кўзларидан мана бу гапларни уқиш мумкин эди:

Эркакка йўл керак, болам,
Эркак йўлга йўл қўшар.
Бу йўлларга биров чечак,
Биров хору хас тўшар.

Бу йўлларга биров сергак,
Биров гангиб, маст тушар.
Отанг йўлдан қолган куни
Йўли бўлиб келдингми?

Эркакка эл керак, болам,
Сени қуршаб эл юрсин.
Яхши-ёмон кунингда эл
Сириб боғлаб бел, юрсин.

Энди мен юролмасамам
Элни алқаб ел юрсин.
Отанг элдан қолган куни
Эли бўлиб келдингми?

Эркакка тил керак, болам,
Тили билан тил олар,
Умри бўйи қўшин тортиб,
Қанча-қанча дил олар.

Аёл олар, кўнглин топиб,
Қатор қизу ул олар.
Отанг тилдан қолган куни
Тили бўлиб келдингми?
1984 йил 20 июль


БАХШИНИНГ ТЎЙДАГИ КУРАШДА АЙТГАНЛАРИ

Маматқул бахши бир тўйда дўмбирасини четга қўйиб, полвонларга жони ийиб, мункиганни елкаси қорда, зап одатларимиз бор-да, деб кураш томоша қилаётган эди. Даврабошининг кўзи бахшига тушиб қолиб тавозе билан илтимос қилди: «Маматқулбой, мен полвонларни шайлагунимча ўзингиз халойиққа бир нарса айтиб туринг». Бундай тасодиф таклифни кутмаган Маматқул бахши бир зум жим қолди. Аммо лаҳза ўтмай халққа ўз дардини тўкиб солди. Ў, жигарларим-а, ҳар кимниям тўйдами, азадами одамларга айтадиган гапи бўлсин экан-да...

Кураш дегани ўзи нима,
Асов денгизда талош кема,
Ғарқ бўламан-ов, ғарқ дема.
Зотинг полвонма, курашгин.

Бировни ортидан отганлар,
Бировни ортидан сотганлар,
У шўрлилар-ку ер қаърига
Ғафлат уйқусида ботганлар.

Шуларни боласи болами,
Курашсиз кечса олами,
Кўксига ўт қўйиб турмаса
Бобосининг қасос, алами,
Зотинг полвонма, курашгин.

Сенгачаям танг, торда курашган,
Чирсиллоқ қиш, қорда курашган.
Оёқлари ҳавода саланглаб,
Осилиб дорда, курашган.

Ёнма-ён қалашиб яшаса,
Минғиллаб, талашиб яшаса,
Эл куймайдими шуни боласи
Ёв билан ялашиб яшаса —
Зотинг полвонма, курашгин.

Бугунам паст, тўрда курашар,
Бирови қир, ўрда курашар,
Айтган сўз — кескир қиличи билан,
Бирови гўрда курашар.

Дорларда қотганлар курашса,
Гўрларда ётганлар курашса,
Сен курашмасанг ўлим-ку, болам,
Жонидан ўтганлар курашса!
Зотинг полвонма, курашгин.

Кун бўлар, ишқ жилпанглайди,
Ой деганинг ерга тенглайди.
«Тақдир», — деб урмай манглайди,
Отинг полвонма, курашгин —
Ёдинг полвонма, курашгин —
Зотинг полвонма, курашгин.
1984 йил 21 июль


ҚАСАМ

Қимматчилик, қаҳатчилик йиллари...
Кўзи кўр тақдирга ўт кетсин-а, бўлмаса Ойсулувдай сулув жувон бир каззоб, ўғрига дуч келиб қолармиди. Тун яримлаб қолди, эрдан дарак йўқ. Йўқ, бирдан оғил тарафда тапир-тупир, шивир-шивир, сигирнинг мўнграши, хирқираши аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Кейин узоқ жимлик. Эри ҳадеганда келавермади. Ойсулув ой-куни етиб, шиқирлаб ўтирганидан тўшакдан аранг қўзғалиб оғил тарафга ўтди.
Ўтди-ю, донг қотиб қолди. Оғилнинг ичи оппоқ сут... Уйинг куйгур эр ўзининг бир ҳамтовоғи билан бировнинг эндигина бўшанган сигирини ўғирлаб келиб, сўйибди. Гўштини нимталаб, эртага бозорга олиб чиқишга тайёрлаб қўйибди...
Эр чағир кўзларини ўйнатиб бурчакдан бир бўхча олиб хотинига отди.
— Ма, ийнимга иларим йўқ, — деб қулоқни қоқиб қўлимга бердинг, хоҳлаганингча кий. Ўзиям эртага тўйи бўладиган қизди сепидан, тахмонидан тинчитдик.
Ойсулув бўздай оқариб, бор кучини тўплаб бўхчани ҳовлига улоқтирганини билади, шарақлаб тушган тарсакининг зарбидан деворга бориб урилди-да, илдизидан қўпорилган дарахтдай қулаб, чўзилиб қолди. Мана бу унинг ўзига келиб эрига айтганлари:

Бўримидинг, тулкимидинг, эрмидинг,
Шўрим қотмаса мен сени дермидим.
Кўзим чиқсин, кўрмидим — эй, кўрмидим,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Ҳаром есам, тағин ҳаром кийдирсанг,
Тириклайин ўтга солиб куйдирсанг.
Шулардан сўнг тағин ўзни суйдирсанг,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Аро йўлда ўтириппан мунгланиб,
Кўнглим сезар, ололмасман ўнгланиб.
Ҳаром-хариш, қора ерга тенгланиб,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Сеп-умрлик ўй-армондан йиғилар,
Томчи тердан, томчи қондан йиғилар,
Кўкрагимни ўяр қарғиш, йиғилар,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Аро йўлнинг аёнлари бўйнимда,
Илонлари, чаёнлари бўйнимда,
Ўғирлик — юк, чўянлари бўйнимда,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Оҳ, умрим-эй, энди унда абад шом,
Болам «ўғри боласи» деб олмас ном,
Увуз сутим эмизмайман, у — ҳаром,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Эр, сен қашқир тўшагига увлаб кир,
Қодир эгам, агар бўлсанг, кўр тадбир,
У қибламни бу қибламга айлантир!
Дунёсида энди тирик юрмайман...

...Эрталаб кун чошгоҳга келиб ёйилиб кетдиям, Ойсулув жойидан қўзғолмади. «Боламнинг бундай кундуз ётадиган одати йўқ эди-ку», — деб хавотир олган кекса онаси ундан хабар олгани уйга кирди...
Во дариғ, Ойсулув ўзи кўрган ранжу аламлардан ҳайратлангандай катта-катта кўзлари очиқлигича баданлари музлаб қолган эди...
— Воҳ, боле-ем, қирчинидан қирқилиб қуриган, болеем! Ҳаромнинг касофати урган боле-ем! — Кампирнинг аччиқ фарёди қишлоқни ларзага солар, Ойсулув эса ўзининг ёмон қасами, у қибласини бу қибласига айланганидан минг марта розидай тинчгина абадият уйқусига кетган эди.
1984 йил 21 июль


КЎЗИ БОРЛАР ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ЮРМАСА...

Тағин ўша қимматчилик, қаҳатчилик йиллари...
Тангриқул бахшининг укаси Ўролбой муросаси келишмай, ўзининг енгилоёқ хотини Қирмизнинг жавобини берди. Янги уйланган хотини Оқбилак тезгина иккиқат бўлиб, ойпарчадай қиз туғиб берди. Туғиш — ўлим билан баробар эмиш. Хотини қийналиб туғиб ётар экан, Ўролбойнинг кўнгли олдинги эчкидай ўйноқлаб юрадиган шўх хотинини тусаб қолди. Кечалари уни олиб келиб қўшни хонада айшу ишрат, ўйин-кулгу қиладиган одат чиқарди.

Ўлар бўлсам Сенгина деб ўлойин,
Сарвдай қоматингни қули бўлойин.
Гулим, тўлдир қучоғимни, қўйнимни,
Чилвир сочинг дори бўлсин бўйнимни.

Эрининг ширакайф, ширали овозда бошлаган ошиқона қўшиғи, Қирмизнинг қиқир-қиқирлари эшитилмасин деб Оқбилак нгўрлик уйининг тирқишларигача беркитиб ўтирадиган бўлди...
Қирмизнинг Ўролбойга елимдай ёпишувининг тағин бир сабаби бор эди. Қаҳатчилик эмасми, Ўролбой колхоз омборида ишлар, ишдан қайтишда бир сиқим, икки сиқим дегандай буғдой ўғирлаб уйига олиб келар ва бундан албатта Қирмизам бенасиб қолмасди. Бир кеч, Оқбилакнинг ташқарига чиққанидан фойдаланиб, Ўролбой чақалоқ қизчасини олиб чиқиб Қирмизга кўз-кўз қилди.
— Қирмиз, Қирмиз, қизимни кўр, ўзиям ўлмаса бир қиз бўлади-да!
Қирмизнинг ранги бўздай оқарди. «Шошма, ҳали менга қизини кўз-кўз кделадиган...»
...Эртаси куни Ўролбойнинг пешонасига «буғдой ўғриси» тамғасини босиб қамоққа олиб кетишди.
Мана, бу сўқир Тангриқул бахшининг ўша кунлардаги чеккан нолаларидан:

Бир отанинг, бир онанинг боласи,
Бири каззоб, бири дарё ноласи.
Ў, битмас-ей бу дунёнинг чаласи,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Ҳалол қолар бир чеккада мунғайиб,
Ҳаром ўйнар қулочларин бахт ёйиб.
Ҳаром ўсар яғринлари кенгайиб,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Ини аввал суянчиғинг бўларкан,
Сўнг — оғриғинг, дил санчиғинг бўларкан,
Ҳатто Сендай кўрга чиқим бўларкан,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Қизни асли осмондаги ой денглар,
Қайғу юки босса қадди ёй денглар,
Қайғу балчиғида ой ҳам лой денглар,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Кўр кўзимдан ситилиб ғам йиғлайди,
Толеимда ёнмаган шам йиғлайди,
Аёл, гўдак, бани одам йиғлайди,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.
1984 йил 21 июль


ҚУШ ТИЛИГА ЁВУҚ КЕЛСА ҚУШ ТИЛИ...

«Азбархўжа карвонбоши айтди: «Эй дўстим, ҳамроҳинг аёл экан-ку, аёлни жўрам йўқ десам ҳам бўлади. Шуйтиб айтмаган экансан-да».
«Кунтуғмиш» достонидан.

Сўз экилган элнинг дала-тузига,
Ҳар ким танлар маъқулини ўзига,
Кўзим тушиб манов сарбон сўзига,
Ич-ичимдан таҳқирланган ор келди.

Тўраларга шойи кўрпа тўшайик,
Тўраларга дарё ёйиқ, кун ёйиқ,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган машойих,
Нечук аёл юрар йўли қор келди.

Асли эркак, аёл бирдай йўл излар,
Дониш ақл, уддабуррон қўл излар,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган азизлар,
Нечук аёл кўнгли доим зор келди.

Баланд тоғлар билмас ором, билмас хоб,
Пинҳон-пинҳон тўкаверар кўздан об,
Нечук Одам Атони деб бўлган соб,
Момо Ҳаввога 6у дунё тор келди.

Азбархўжа туғилмаган онадан,
Балки уни топгандирлар ёнадан,
«Она» дер-ку, дард ўтганда жонидан,
Нечук аёл шу номардга хор келди.

Майса қоплар қир, қиялар устини,
Қуш тилига ёвуқ келса қуш тили.
Биттага ҳам кўпайтмасин пуштини,
Шунинг ўзи Азбар учун дор келди.
1984 йил 24 июль


ЙЎҚЛОВ

Ўртоғим Ҳалима Ҳасанованинг хотирасига

Ой деса дегулик Ойхуморнинг сулувлиги таърифи етти иқлимга кетган эди. Аммо кексайиб қолган онаси уни ўзи айтган одамга бермади. Беролмади. Шу сабабми, бошқами, қиз овлоқ пайт топиб ўзини осди. Нима иш биландир оғилга кирган укасининг кўзи унинг саланглаб турган оёқларига тушди. Қиёмат қўпти. Мана, бу Ойхуморнинг онасини ўз қизи жасади устида бетини қон жўшатиб айтганлари:

«...Жоним болам, кўзи чарос, қоши ўқ,
Дарё сочин қирқта қилиб ўрардим.
Шуни ўзим туққанманми ёки йўқ,
Бир ишониб, бир ишонмай юрардим.
Туққанимам энди ёлғон шўрлиман,
Ўтда қолган, ангда қолган шўрлиман.

Кийикмиди, ҳуркак-ҳуркак қароши,
Ҳуркиб кетиб сиртмоқларга илинди.
Гангитдими мингни келиб сўроши,
Мингиниям суймаслиги билинди.
Қирқин қизга сардор бўлган, воҳ боле-ем,
Талош, бардор-бардор бўлган, воҳ боле-ем.

Минг бўз бола, тенгларини тенг кўрмай,
Кўзларини парда тўсган болам-ов.
Уйинг куйгур раис сенга тенгқурма,
Қизи билан ўйнаб-ўсган болам-ов.
Раис ана, болалари қўйнида,
Икки қўлим энди унинг бўйнида!

Кўйлак кийдим, тутунлардан қорайди,
Қора бўлди гулдай болам ёзуғи.
Энди менинг кунимга ким ярайди,
Болам бўлди бир қашқирнинг озиғи.
Ордан ўлим авло, — деган, воҳ боле-ем!
Гўдаклигин қашқир еган, воҳ боле-ем!

Тирилтириб бермасин-чи, қўяман,
Энди ишим бу юртлардан кўч бўлар.
Сиртлон бўлиб менам кўзин ўяман,
Энди онанг она эмас, ўч бўлар.
Аммо бундан бўлса бир наф, болам-ов,
Яшатардим уни «увлаб», болам-ов!

Бу кунингдан бешбадтар бўл!

Йиғи-сиғи, қий-чув бир зум тўхтади. Эшикдан раиснинг хотини шаллақилик қилиб кириб келаётган эди.
— Бечора эримни ёмонотлиғ қилгунча суюқоёқ қизингни тийиб ол эди, қаришақшақ!
Олазарак бўлиб раисни қидираётган оломон унинг хотини устига ёпирилди...
Эшитишимча, ўша кундан бери раиснинг хотини тўшак тортиб ётиб қолганмиш. Раис ҳам у атрофлардан кетибди. Таажжубли жойи шундаки, у хизмат пиллапоясида юқорилабди. Чекка бир районда совхоз директори бўлиб ишлаётганмиш...
1984 йил 24 июль


ҚИРҒОҚ

Дарё янглиғ олдга чопаман
Ёйиб ташлаб қирқ кокилимни.
Ёниқ-ёниқ суюб ўпаман
Соҳилимни, сен — соҳилимни.

Қаётимга кайси бир дамда
Қирғоқ бўлиб келдинг, чамамда.

Мен-ку сенга берганман изн,
Икки ёним қирғоқ — маҳкам, банд.
Мен оқмайман қирғоқни бузиб,
Асов шиддат бермас сенга панд.

Сен ҳам озод шиддат бер сувга,
Шубҳа билан олмай сиқувга.

Қирғоқ сирдош, қирғоқ — суянч тоғ,
Дарё оқар унга бош уриб.
Бир кун сочинг оқарар оппоқ
Шул дарёни қўриқлаб юриб.

Оқар чоғ ҳам мангулик ёққа,
Лаб босгум сен — метин қирғоққа.
1984 йил


* * *

Бир вақтлар кетардик баҳорлар томон,
На баҳор, гуркираб виқорлар томон.
Энди темир бўлгин, энди мунғайма,
Энди йўлларимиз қор, қорлар томон.

Баҳорлар кўрсатдик шавқ, мастлик кучин
Виқоримиз тоғдан тикроқ келди чин.
Энди йўлларимиз қор томон экан,
Қўлингни бер, тойиб кетмаслик учун.

Фикр этсам, кўрмаган, кўрган эканман,
Умр ўтса-да йўлу уй тиклайман деб.
Сездим, ҳаётингта кирган эканман,
Сени қорли кунда кўлтиқлайман деб.
1984 йил 8 февраль


* * *

Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим,
Бағрингта япроқдай тўкилдим.
Аслида бу байтни мен ёзганим йўқ,
Менинг умрим — мўлжал сари кетган ўқ.

Вақтида келдим ё бевақт, анча кеч,
Афсус айтганимни эшитмадим ҳеч.
Бўлмасни бўлдиргум деб қиламан қасд,
Мен яшаш сурурин шундай деб билдим.

Аросат, бу сатр меники эмас:
«Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим».
Камон эгилди-ю отди — учяпман,
Йўқ, иккиланиш ё бир сўз айтиш йўқ.

Майли, шароб ёки зардоб ичяпман,
Мен отилган ўқман, ўққа — қайтиш йўқ.
1984 йил 12 май


СУРУР ҚЎНҒИРОҒИ

(Ҳалима Носированинг 70 йиллиги муносабати билан)

Аввал мен ўзим суйиб кўзимнинг қаросидай,
Арзир сўнгра бу залга, десам «оёққа қалқинг».
Ҳумо қушдай чарх уриб курашлар орасида
То абад қўли баланд, кўкраги баланд халқнинг
Ғурурининг боиси — шан ўти бори келди,
Ўзбекистон санъатин бир байрокдори келди!

Азал тоза инжулар тўрт тарафга сочилган,
Андижонга тушгани балки Сизга теккандир.
Шундан кўксингизда эрк, кураш гули очилган,
Шундан юрак тикланиш азобларин чеккандир.
Сиз майдонга чиққансиз қувонч — доғингиз билан,
Бўғзингизда яширин, қўнғироғингиз билан.

Ёраб, қўнғироқларни кўп оддилар нишонга,
Ғойиб бўлди майдондан ким севса ўз жонини.
Сиз ўз кўзингиз билан кўриб тўлдингиз қонга
Турсунойнинг муқаддас «эрк» деб тўккан қонини.
Айтинг, қандай куч Сизнинг қаддингизни эгмади,
Кўксингизни кўзлаган ўқ неча бор тегмади?

Нурхон, Турсуной тушди кетма-кет тузоқ-тузга,
Ким айтди учинчи кун Сизнинг ўлмасингизни.
Ўн беш-ўн олти ёшда ким шивирлади Сизга
Осонликча бу йўлда қурбон бўлмасингизни.
«Олға» деган сўз хар бир ҳужайрангизга сингиб,
Кетиб бораётибсиз бу йўлда ҳамон енгиб.

Шундай байроқларимиз гоҳ қонларга ботибди,
Аммо қуламагани олдга нигоҳ тикканлар.
Бу кеч кўзим олдидан бир-бир ўтаётибди,
Бу саҳнага ўртада ЖОНни қўйиб чиққанлар.
Бу саҳна абад Сизнинг, бу шон абад Сизнингдир,
Халқ ишқидан қуйилган нишон абад Сизнингдир.

Мукаррама, Тамара, Лутфихон, қай чоғлари
Сорахоним келадир Сиз билан пичирлашиб.
Ҳассос она халқимнинг сурур қўнғироқлари,
Бул табаррук саҳнадан янграгансиз бирлашиб.
Бул қўнғироқлар ҳали уйғотар кўп юракни,
Кўнгилларда чақнатиб орому гулдиракни.

«Шогирдларим кўп», дейсиз гўдакдай қувонч билан,
Бари ўт, аммо Сиздек ўт бори учрамагай.
Баланд, гарчанд шогирдлар парвози бугун баланд,
Аммо халқ Ҳалимасин такрори учрамагай.
Дўстлар, оёққа қалқинг шу ўт борлиги учун —
Ўзбек халқин санъатин байрокдорлиги учун.
1984 йил 8 феврал


УСМОН НОСИРГА

(Шоирнинг юбилей кечасида ўқилган)

Мен ўйловдим етмиш ёшда қуйиласиз,
Етмиш йилнинг етмиш ўйи ахир бошда.
Сиз-чи бу кеч ўша Усмон туюласиз,
Йигирма беш, ё йигирма олти ёшда.

Ақлан айтса Сизни бобо демак керак,
Аммо бобо сўзи эриш туюлмасми?
Усмон Носир деганингда ўйнаб юрак,
Унга ишқий шалолалар қуйилмасми?

Усмон Носир деганингда гуллар сўраб,
Ишқ келмасми, қимтиб ҳассос лабларини.
У айтмасми кўзи билан чирмаб, ўраб,
Бир ишқибоз йигитнинг шўх гапларини.

Усмон Носир деганингда шарт кесилган —
Бошдай қуёш «ерга қулаб» кетмайдими
Ва бир юрак, ҳар бурчини туйғу тилган —
Қонлар сирқиб кўз олдингдан ўтмайдими?

То тириксан, дилим, боғлан шул юракка,
Фидоликда топилмагай унга тараф —
Усмон, шараф Сендек оний гулдиракка,
Она халқим, Усмон учун Сенга шараф!

«Олти-етти йил ёзди» деб кўрсатмишлар,
Қай буюк куч бул юракдан олганди жой.
Биз-чи етти йилни баъзан кўнгил хушлаб,
Етти дона шеър ёзмасдан берурмиз бой.

«Олти-етти йил ёзди» деб этурлар қайд,
Етмиш йиллик меҳнат-ку бу, ақлу ҳуш лол.
Сезганмикан тун сафосин, оқшомги пайт,
Сезганмикин, тонг, қай ёндан эсар шамол.

Йўқ, сезмаган, сезганида муқим туриб,
Ўлимларни ҳар лаҳзада ўлдирмасди.
Бешафқат ўз юрагига ханжар уриб,
Соб бўлгунча ҳар лаҳзада тилдирмасди.

Йўқ, сезмаган, сезмаганлар бўлсин омон —
Бу телбалик, телбаларча суйиб ўтмоқ.
Бу етуклик, унга бўлсин то абад шон,
Бу етуклик — сўнг он қадар куйиб ўтмоқ!

Куйиб, суйиб елда ўйнаб тимқора соч,
Бу кеч чақнаб ўлганидан тониб келди.
Она халқим, ичиккансан, бағрингни оч,
Усмон деган ўтинг қайта ёниб келди!

Мен ўйловдим етмиш ёшда қуйиласиз...
1984 йил 14 март


ОҚАР ДАРЁ

Ғафур Ғулом хотирасига

Шаҳрим, Сендан бир дарё оққан эди арслонвор,
Билмам, қачон шиддатдан, шижоатдан толди ул.
Шаҳрим, бу кеч мен Сендан сўрайдиган сўзим бор,
Айт, қачон, қай бурчингда мангу ухлаб қолди ул.

Балки ухлагани йўқ, ёдлаётир «Ёдгор»ин,
«Ўғригина бола»си балки шу том устида.
«Қиз қилиқли бўлар» деб тўкиб ишқининг борин,
Балки ҳамон қалами авжи илҳом устида.

Навбаҳор, атир бўйлар урилмоқда димоққа,
Ё қай чаманда ниҳон, шеър ёзар ими-жими...
Ё қўшни қиз боғидан ўрик ўғирламоққа
Ҳамид Олимжон билан девор ошиб кетдими?

Балки, балки минбарда фашистга ўлим тилаб
Гулдираган шеърлари қайта ўқилаётир.
«Сен етим эмассан» деб ўзгалар бошин силаб,
Ўз Жўрасин ғамидан тутдай тўкилаётир.

Қандоқ фиғон тортмади, лаб босиб туриб чўққа,
Қандоқ тиклолди етти ердан синган жонини.
Ким етти букилмайди ногоҳ учирса ўққа
«Бўйларига гул ўлчаб ўстирган» ўғлонини.

Балки карвон йўлида «етим бўта»дек бўзлаб,
Меросий соғинч — сўзга сўзни улаётибди.
Информбюромизнинг башоратидан сўзлаб,
Балки ғолиб, ялангтўш «Шаркдан келаётибди».

Балки мендан сўнг ҳам Сен болаларга бўл деб бош,
Учирма қушларимни етказгил деб вояга,
Илк кўклам чечагини, кипригида қалқиб ёш
Қўшқўллаб узатмоқда Муҳаррамхон аяга.

Балки «червонец» олиб белидаги чорсидан
«Қиз юракнинг қони» деб қўйиб ишқу биносин,
Бугун катта тўй, тонг-ла келтиргандир Чорсудан
Суюк Олмос опанинг қўлидаги хиносин.

Гарчанд бу кеч соғинчдан кўзимизга дунё тор,
Гарчанд бу кеч соғинчдан бўғзимизда шўру талх.
Айтинг, шундай отани қайси фарзанд унутар,
Шундай содиқ ўғлондан кўнглин узар қайси халқ?!

Ўзбекни ўз-ўзига бек деган Ғафур Ғулом,
Шеърлар ҳар хонадонга оқар экан тонг билан,
Халқим, бу кеч мен Сени қутлайин айтиб калом,
Ғафурдай мангу оқар, арслонвор дарёнг билан.
1985 йил 15 май


БИР ЗИНАДАЙ ҚОЛУРМАН

Мен кетаман, мен кетаман
Қай бир кеч ё эртада.
Менинг куйим бўлар тамом,
Кимдир тушар ўртага.
Шул, ўртага тушгувчига
Қалам тутиб ўргатай,
Гоҳ ошкор-у гоҳ ичимга
Дардим ютиб ўргатай.
Ўргатайин, мушкул ҳаёт
Қўймасин деб тиндириб,
Четга тортиб қай жоҳил зот
Бир чўпдайин синдириб.
Ўзига йўл очиб олиб
Тўпга ўзин урмасин.
Тўпга зўрлар кирсин ғолиб,
Зўравонлар кирмасин.
Шу ўй билан шул гўдакни
Ўз елкамда опичиб,
Ўрталиққа кираяпман
Шон кечиб, гоҳ қон кечиб.
Етгунимча умр кетади,
Сочим бўялар оққа,
Аммо... гўдак эр етади,
Гўдак турар оёққа.
Урталикда... шод бўларман
Бонг урса ул ёвқур, мард.
Балки шул кун... мен ўларман
Кетиб армон, кетиб дард.
Ва... жон бериб қўлида мен
Тупроқдан жой олурман.
Ул юксалар, йўлида мен
Бир зинадай қолурман.
1984 йил 7 октябрь


ДАРАХТ ЎЗ ЖОЙИДА

Дарахтлар доим ўз жойида муқим,
Ўйламай бир қадам ташламас хато.
Дарахтлар кўтарар доим ўз юкин,
Бир мевасин ортмас бировга ҳатто.

Яхшиям, дарахтга битмаган оёқ,
Тил йўқ, миннат қилмас, сақлайди тўзим
Воҳ, бу дарахтлар-ку тушунар, бироқ,
Гоҳ бу одамларга ўтмайди сўзим.

Ёраб, дарахтга ҳам оёқ битса шан,
Наҳот инсон қайтган жойдан қайтадир,
Қайда Она қолиб, қайдадир фарзанд,
Ўзи ўйнаб юрар қайдадир?!
1984 йил 3 май


ЎРТАЛИК

Хўп юксалмоқ — кетмоқлик тубан,
Хўп юксалмоқ — ерга кирмокдир.
Омад қанча сийламасин шан —
Тақдиримиз ерда юрмоқдир.

Кўкрагимиз хоҳ ер, хоҳи тоғ,
Узилмаган ердан пойимиз.
Ер қаттиғу осмон кўп йироқ,
Ўрталиқдир бизнинг жойимиз.

Мунғаймагин, гап даромади,
Шўрлик, ерга кетмассан кириб.
Ҳаволанма, сен ҳам омадли,
Кўкка бошинг олмассан уриб.
1984 йил 3 май


* * *

Минги келса қошиқ кўтариб,
Битта-битта олганида ҳам,
Таги кўринади қозоннинг.
Еб битиришмадими Сизни,
Бугун элга урф бўлган шоир,
Синчков қаранг бисотингизга —
Қолган бўлса бирор бутун шеър.
Бу минг олғир қаттиқ ишлади,
Ўзлаштирмоқ, ҳазм қилмоқ фасли.
...Бу шеърни ҳам бир чети кемтик,
Қошиқ теккан унга ҳам асли.
1984 йил 11 ноябрь
186
* * *
Ҳаётнинг кўзидан ўпиб, суюниб,
Уни «Ў, ҳаёт!» деб ёзганлар ўтди.
Илк тун, у келиндай оппоқ кийиниб
Кирганда, бағрига босганлар ўтди.
Шундайлар ўтдики... ўтиши енгди,
Ўтгандай боғ томон, ўтлоққа томон.
Шундайлар ўтдики... қолганлар энди
Мардроқ бўлиб қарар... ўтмоққа томон.
1984 йил 11 ноябрь


ИЛК ХАТО

Кимдандир айб ўтди, хато сўз айтди,
Айтишдик, сўнг хато кетди қалашиб.
Биз йўлнинг ярмида айрилдик, қайтдик,
Қайтдик йўқ нарсалар учун талашиб.

Кимдир хато қилди, эрми ё хотин —
Сўнг қўшилаверди хатолар қўш-қўш.
Сўнг ҳувиллаб қолди хонадон бир тун —
Икки юрак қолди ҳувиллаб, бўм-бўш.

Кимдир хато қилди, сўнг бошланди жанг.
Кейин ўликлардан кўтарилди тоғ.
Жаҳон урушин ҳам аслин сўрасанг,
Кимдир ўйламасдан йўл қўйган хато.

Муҳими илк хато, кейин қасдма-қасд,
Кураш мушкул уст-уст уруш қорини,
Йигирма миллион шаҳид, ҳамма ҳам билмас
Урушнинг дастлабки сабабкорини.

Илк хато, сўнг келар ҳижрон, ўлим тиғ,
Бевақт бебахт қолар не бегуноҳ жон.
Балки бу дунёда улуғдан-улуғ
Ўзин илк хатодан тиёлган инсон.
1985 йил 24 ноябрь


ИЛИНЖ
(баллада)

Фарзандларингни қабринг
устида йиғлашлари учун
уларни тириклигингда йиғлатма.
Пифагор.

I

Жанг бошланар, қаттол жанг,
Отланар ёшу қари.
Эри-чи, аланг-жаланг,
Билмасди не қиларин.
Кўп тансиқ ҳаёт нури
Чалғитдими гумроҳни.
Дер, йўқ, елкам чуқури —
Кўрсин дўзах, жанггоҳни.
Ҳар ҳолда ўлмас, дардга,
Оғриққа қилар тоқат.
Кетганлар кетди, ортга
Қайтмоқда-ку қорахат.
Жон ширин кўринди, хун,
Қўрқувга, ўйга ботди.
Бош бармоғини бир тун
Ўз қўли билан отди...

II

Тонгда кетдилар олиб
Итдан баттар этиб хор.
Уч гўдак билан қолиб
Аёл тебратар рўзғор.
Тириклик тошдан қаттиқ,
Нон қаёқда, қовурмоч.
У ҳам мўл бўлса кошки,
Ярим тўқин, ярим оч —
Уруш. Қишлоқда бор иш
Бўлинган аёлларга.
Ток бўғзини юмшатиш
Белда мадори борга.
— Бақувватроқ бир сенсан,
Кетмонингни ол, Гулнор,
Иш унумсиз. Аҳвол танг,
Боққа тезроқ етиб бор. —
Шундай дер бригадир
Тақиллатиб эшикни.
— Жон болам, ирғаб ўтир!
Чақалоғу бешикни.
Каттароғига бериб,
Гулнор шошади ишга,
Бақувват бўлмоқ керак
Ток бўғзини очишга.

III

Ичи бўш қоп тик турмас,
Шижоат қани тонгги,
Кун чошгоҳга бормасдан
Бўздай оқарар ранги.
Ич-ичи силинади
Кўтаролмай кетмонни.
Овсинлар илинади
Битта зоғора нонни.
Нон четидан бир тўғрам
Зўрға ушатиб ейди.
Ноннинг қолганин ўраб,
«Болаларимга», — дейди.
Зир қақшайди тоқатлар,
Ярим очин, ярим тўқ.
Қамоқдан келар хатлар
Эрнинг ўзидан совуқ:
«Қишдан бир амаллаб чиқ,
Боқ қўшнилар молини.
Билгин, қўшни қишлоқлик
Гулсуннинг аҳволини.
Ҳамон ҳар тонг, кечада
Кийинарми хил-хиллаб,
Ҳамон бизнинг кўчадан
Ўтадирми қилпиллаб?
Лаванг эри тирикми,
Қора-пора хат йўқми?
Фашист аяпти чоғи
Унга аталган ўқни.
Эрин айтганди бир пайт:
«Эр эмас, бу латта, деб
Менинг ҳолим сўрса, айт,
Гижинглаган отдай деб».
...Ёраб, келмасидан куз,
Келди сўлмоқ, сарғаймоқ,
Сомон бўлди анор юз,
Соғ юракка тўлди доғ.
Руҳ синганида, бешак,
Вужуд ҳам синар охир.
Бунча тортмаса тўшак,
Қомат бунчалар оғир.
Шуми ишқ садоқати?!
Ранги заъфар, зард бўлди.
Номард эрнинг ҳар хати
Уни йиққан дард бўлди.
Кўкракка санчилиб тиғ
Азоб, армон аралаш,
Бир тун йўталиб қаттиқ
Тупурди қон аралаш...

IV

Жангдан Гулсуннинг эри
Қайтди бироёқ бўлиб,
Қайтиб қуриди шўри
Хотини саёқ бўлиб.
Элда кўтаролмай бош
Йигит ёшда синди тор.
Йиқилганга отиб тош
Нопок аёл шармисор.
Қўли етса чанг солиб,
Мингни кўрган бу хотин,
Қўлтиқтаёғин олиб
Эрин урган бу хотин —
Кимга вафо қилар деб,
Эл йиғлади, эл кулди.
Талоқ хатини бериб
Мардон чўлоқ қутулди.

V

Гулнор, менинг Гулнорим,
Гуллар чоғ сўлганингни,
Қўша гўдакларингни
Кўз ёшини қайтаман.
Хиёнатнинг ўқидан
Бемаврид ўлганингни
Норасидаларингга
Қай тил билан айтаман?
Сўнгги кунлар Сен қўшни
Келинчакни чақириб,
Дебсан: — Эшитинг, тез кун
Паймонам ҳам тўлади.
Ҳушёр бўлинг, жон ўртоқ,
Опам қолмасин кириб,
Бу ғамларим эшитса
Мендан олдин ўлади.
Эрим шундай, ҳар хатда
Сўроқлайди Гулсунни.
Мен-чи, о, мен умрнинг
Қай лаззатин тотибман.
Опам шўрлик боисин
Билмас бул қора куннинг.
Мана, уч ой... бетиним
Қон тупуриб ётибман.
Кеча Ҳожарникида
Гулсун меҳмон бўлган чоғ,
Дебди «Уч-тўрт кун қолди...
Бу уйга мен эгаман
Эрига-ку, бошидан
Ташлаб қўйганман тузоқ,
Қамоқдан чиқар эмиш,
Келган куни тегаман».
Ёраб, пишактиловлар
Етар муродларига,
Уч гўдагим қолдириб
Кетиб бораётибман.
Йўқ, фалак ҳам етмади
Кўнглимнинг додларига,
Кўзим очиқ, дунёдан
Ўтиб бораётибман.
...Шу чоғ опанг кирибди
Кўзларида ёш билан:
— Нафасинг елга кетсин,
Куз дориган баҳорим,
Мени кимга ташлайсан,
Учта жужуқ бош билан.
Ўрнингга мен кетайин,
Опанг ўлсин, Гулнорим.
Шу чоғ қайдан олдинг Сен,
Бул қадар донишмандлик,
Шу чоғ қайдан олдинг Сен,
Бул қадар осойишни.
Дебсан: менда узилар
Бул ҳаёт билан бандлик,
Жоним опам, қўй энди,
Гулнорингни койишни.
Ўстирсанг, қизим Сенга
Мендек бўлади сингил,
Ўғилларим — суянчинг,
Ҳар учови сенгадир.
Энди белингни маҳкам
Боғла, бузмагил кўнгил,
Сенга бало эврилса
Шул учови енгадир.
Норасидаларимни
Фақат сенга инондим,
Учовини улғайтсанг
«Ёлғизман» деб ҳеч куйма.
Гўдакларим хўрланса
Гўрда ўт бўлиб ёнгум,
Жон опажон, гўримда
Мени қўзғатиб қўйма!
Ўтинаман, уларнинг
Кўзига ёш қўндирма.
Мен кетгач, сен айт, улар
Сени Она десинлар.
Энди хўшлашай, мард бўл.
Гўдақдай йиғлаб турмай
Яқин қариндошларга,
Хабар юбор, келсинлар.

VI

Ақли шунчалар тиниқ,
Шунчалар тинч асаби.
Гулнор кетди дунёдан
Меҳмонга кетган каби.
Опа йиғлар: «Қулф урган,
Тили болим кетди, деб,
Сочи ерни супурган
Мажнунтолим кетди», деб.
— Ёҳу, «Она» дейди-ю,
Қизинг кўнгли тўлмайди.
Ўғлинг «Она» деганда
Опанг қандоқ ўлмайди?!
Кипригимнинг устида
Гўдакларинг кўтарай.
Сен тирилиб кел, гулим,
Майсадай мен кўкарай!

VII

Уч кун ўтиб эр келди
«Яллама ёрим»ни айтиб.
«Кўнглимга ғам сиғмас» деб
Важ қилди толганини.
Чошгоҳгача ҳам турмай
Шаҳарга кетди қайтиб,
Етказдилар Гулсунга
Уйланиб олганини.

VIII

Кейин...
Кейин, ёраб, ноҳақлик
Билмайдирми чегара.
Ҳали эскирмай туриб
Ҳижрон, азаю азоб,
Улар бошлашиб келди:
«Биз шу уйда турамиз».
Болаларни қолдириб
Сен ўзингга бир жой топ.
— Шунга уйландингизми,
Куёв, шуни қўйинг Сиз —
Гулнор ҳали ўлмасди,
Шу ўлдирди илон, ёв.
Рўмолимгача сотиб
Ўтказайин тўйингиз.
Бошқа аёл топайлик,
Шуни қўйинг, жон куёв.
— Нима дединг, Сен бадбахт!
Эр келаркан хезланиб
Қўни-қўшни йиғилди,
Деб «Сен иблис қавмидан —
Бадбахтликни бу уйга
Сен опкелдинг ҳамма вақт!»
Ва иккисин кетма-кет
Ҳайдадилар ҳовлидан.

IX

...Мана, шундан қирқ йиллар
Ўтаётган пайтдир 6у,
Бугун эр айрилгандир
Кўзларининг нуридан,
Қарз ҳеч кимда қолмайди
Дунё қайтма-қайтдир 6у,
Бугун ота хор қайтар
Ҳар фарзанд ҳузуридан.
Соясидан баҳр олар
Хеш-ақрабо кўкариб,
Ҳар фарзандки юксалган
Гуркираб худди чинор,
Холаларин юрарлар
Нақ қўлларда кўтариб
Ва лекин ҳар бирида
Унут бўлмас қасос бор.
Ҳеч ким унутилмайди,
Улар жазо олсинлар.
Бу қирқ йил-ку, минг йиллик
Қотиллар ҳам топилсин —
Улар арвоҳдай изғиб
Кўча-кўйда қолсинлар.
Меҳр тилаб борганда
Бор эшиклар ёпилсин.
Азал-абад аждоди,
Авлодидан кетсин шон,
Тавқи лаънат тожини
Кийишиб бошларига,
Қанча тирик юрсалар,
Шунча бўлсинлар нишон
Қабоҳат тошларига,
Маломат тошларига!
Қадамидан ўт, куюк
Иси димоққа урсин.
Ўз ўлимин тиласин
Ерда ортиқ юрмай деб,
Шафқат тангриси ундан
Юзин кескин ўгирсин.
Ҳукм қилсин: «Йўқотинг,
Қаро йўл»ни кўрмай деб.
Ўлим ҳам жиркангандай
Аро йўлда ўлса дол,
Тўймас кўзин тупроқ ҳам
Ҳазар қилиб ёпажак.
Кўчасидан ўтаркан,
Ўйлаб кетар тенгқур чол.
Шундоқ яшаб ўтганлар,
Шундоқ ўлим топажак!
Тағин ўйимга Гулнор
Келади ҳорғин, озиб,
Зоғорадан бир тишлам
Зўрға ушатиб ейди.
Қолганини рўмолга
Ўраб, бағрига босиб,
«Емайман, йўқ, буёғи
Гўдакларимга», дейди.
1983 йил 24 июль


СОЧИНГИЗНИНГ ЎРМОНЛАРИДА

Ошкор, пинҳон бор йўлим билан
Кўнгил уйингизга кирдим мен,
Силаб-силаб ўз қўлим билан
Сочингизни оқартирдим мен —

Порлайсиз бу оқлар ярашиб
Бахт онида, ишқ онларида.
Мен яшайман тунлар адашиб
Сочингизнинг ўрмонларида.
1983 йил 23 октябрь


МОСЛАШУВЧАН ОДАМГА

Бир вақтлари чарсу чапани,
Ўз сўзидан қайтмас эдинг сен:
Капа дердинг турган капани,
Бошқачароқ айтмас эдинг сен.

Қирраларинг ўткир туюлиб
Ургандилар, котирдилар бош,
Қирраларинг бир-бир ейилиб,
Бўлдинг силлиқ, юм-юмалоқ тош.

Энди уни айтмоқлик учун
Ном қидириб гоҳ очасан фол.
То ўзгариб кетмасин мазмун,
Капага ҳам келмасин малол.

Энди йўлинг топиб олдинг чин
Қатнаб чўпу чўпчакларига,
Энди яшайверишинг мумкин
Кириб ҳатто чўнтакларига.
1983 йил 23 октябрь


БУ ЎТ...

Қайда дард эли бўлса мубтало
Увайсийман.

Ким билар бу ҳаётда қай тақдир аъло бўлғай,
Шоирга ўз юраги бир умр бало бўлғай,
Қайда дард эли бўлса шоир мубтало бўлғай,
Менам билмам, дунёга ғамми, нурман, моможон,
Мубталолик дардига меросхўрман, моможон.

Гарчанд зикр этганлари булбул бўлган, гул бўлган,
Гарчанд ҳар ашъориға минглаб юрак қул бўлган,
Бедилни билардингиз, дили ёниб кул бўлган,
Нечук сизам шу ўтга кўп шошдингиз, моможон,
Кўра-била ўт билан ўйнашдингиз, моможон.

Ҳазрати Навоий-ку назм бобида шох ўтди,
Мангу такрор ўлмағай энди бу янгроқ, ўтди.
Аммо кўнгил уйида ёқмасдан чироқ, ўтди,
Аммо бу соҳир кўнгил доғ отди-ку, моможон,
Ёраб, шоҳ йигит умри тоқ ўтди-ку, моможон.

Нодираи даврон-ку сурардилар давронни,
Шеър ила куйлатарди халқию Умархонни.
Нечун кун келиб у ҳам жаллодға берди жонни,
Ҳатто Моҳларойимдай ойим бебахт, моможон,
Айтинг, кимга бахт берган бу шеърий тахт, моможон.

Йўқ-йўқ, гарчанд то абад дилга оғриқ ҳамроҳдир,
Шеър ўзи энг буюк бахт, бунга тарих гувоҳдир,
Шеър нурин пайқамаган қай қалб борки, гумроҳдир,
Бахт ё бир эътиқодда маҳкамликми, моможон,
Бир дардиманд юракка малҳамликми, моможон.

Пушкин шеърда озодлик каъбаларин тиклади,
Сўнг он қадар хор-зорни суяди, қўлтиқлади.
Собит туриб бешафқат ўз ўт кўксин тиғлади.
Аввал-охир шоирни ўтда кўрдим, моможон,
Азал шоир дардини катта кўрдим, моможон.

Бу ўт менга ҳам сачраб ҳар хуш дамни ёндирди,
На ҳар хуш дам, ҳар битта ҳужайрамни ёндирди.
Ҳақ, шеър қолди, қолган бор ортиқ-камни ёндирди,
Қўлланг, менам шу ўтни жонда туяй, моможон,
Қўлланг, то рўзи маҳшар унда куяй, моможон.
1984 йил 7 январь


ИНТИҚОМ

Бир томондан ловуллаб бир қиз ташлар кўз қирин,
Бир томондан шўх йигит меҳр талаб, ишқ талаб.
Тиллашдилар, жуда тез тушундилар бир-бирин,
Тушунарли тил бўлган ҳамиша ҳам ишқ тили.

Кейин беҳишт боғлари ерга кўчди, кўкарди,
Одам хушбахт қўш бўлар ишқ болини тотган кун.
Кейин куёв келинни бошларида кўтарди,
Сиғмадилар дунёга, гўдак, сени топган кун.

Шундай, аввал кўп ташна, ишқни суйиб ичдилар,
Аммо... ўртада совуқ шамол эсиб ўтган дам,
Бир-биридан илдамроқ, бир-биридан кечдилар,
Нафрат тили ҳамиша — ханжар, кесиб ўтган дам.
Бир-биридан учқурроқ икки ёнга учдилар.

Улар-ку иш қилдилар ё билмайин, ё қасддан,
Ўз -ўзларин ўйлашиб, ўлда-жўлда Сен қолдинг.
Улар икки томонга кетдилар тўхтамасдан,
Тўхтаб, қўлларинг чўзиқ, аро йўлда Сен қолдинг.

Қутлуғ ҚУВОНЧ эдинг сен, оҳ бошингга етдилар,
Қушим, бу не маҳзунлик, кексайиб улгурибсан.
Ош-нонга зор бўлмаган замонда зор этдилар,
Меҳр тилаб турибсан, шафқат тилаб турибсан.

Улар бири бирига беролмай қолсалар дош,
Ажралса бир-биридан иккиланмай, кўнгил тўқ,
Нечун Сенинг кўзингда қалқимоғи керак ёш,
Сенга тегмоғи керак, нечун улар отган ўқ?

Уруш йиллардагидай етим қолдинг тонгларда,
Гўдак, энди кўзингни соғинч, армон тўлдиргай.
Битта фарқи — урушда ота ўлган жангларда,
Битта фарқи — онани азоб, ҳижрон ўлдирган.

Сенинг отанг-онанг-чи, юрарлар гашт суришиб,
Бўм-бўш уйдай кўксини кундан-кунга тутиб тик.
Бахт барбоду отангнинг иши кетган юришиб,
Бахт барбоду онангнинг гул-гул ёнгани қизиқ.

Нега дунё қораймас 6у ҳақсизлик чангидан,
Нега ҳамон дард туғар бу омонат ишқу шон.
Улар фарзанд топарлар янги бахтдан, янгидан
Янги ота-онани Сен топмайсан, болажон.

Ҳали гўдак кўксингни не туйғулар доғлайдир,
Хотиранг осмонида улар юргайлар сузиб.
Ўйланасан, ўй Сени улар билан боғлайдир,
Йўқ, улардан ўзингни олгин ажратиб, узиб.

Сен уларга фарзандмас, ҳеч ушалмас армонсан,
Икки кўнгил тубида битмас яра, ўчмас чўғ.
Сен уларга ўқилган умрлик айб, фармонсан,
Кетказиб бўлмас доғсан манглайларига ёзуғ.

Мен қўрқаман бу доғни ювмоқ учун етмас сув,
Қор ёққач из, интиқом доим кетмас босилиб.
Сенинг иккита қўлинг дор арқони бўлар-у
Отанг-онанг бир тонгда унда қолгай осилиб!

Улар ўзи ғишт қуйди шу ёзуққа, асосга
Гарчанд ҳамон яшайсан ишқ, шафқатга оч, илҳақ.
Энди қутлуғ ҚУВОНЧ — Сен айлангайсан ҚАСОСГА,
Ҳукм қатъий, ал-қасос-ул, ал-қасос-ул мин-ал-ҳақ!
1984 йил 7 январь


БИР ҚАДАМ
(баллада)

Мен бағрим ёқиб бўлдим, сел каби оқиб бўлдим,
Неча бор қайта ўлдим бу ҳолат тасвиридан.
Нақд бер деб йиғламаган, тахт бер деб йиғламаган —
Бахт бергин деб йиғлаган Бодомгул тақдиридан.
Уй олдида машина, юк ортишар қўшнилар,
«Бу қиёмат қойим» деб, ғам тортишар қўшнилар.
Эри четда ҳангу манг, эри четда ҳоли танг,
Балки ораларига тағин тушар қўшнилар.
Бодом ҳам бир чеккада яраланган қуш янглиғ.
Гоҳ ҳушига келгандай гоҳ маъюс, беҳуш янглиғ
Қўш гўдаги пинжига суқилади жовдираб,
Кечаги бахт, гўдаклик бўлди бугун туш янглиғ.
«Балки ораларига... тушмасин йўқ, Бодомжон
Сен кўксимда ишқ эдинг, энди сен ўқ, Бодомжон
Ёмон санчдинг кўксима, энди бегинг ўлгандир,
Мен учун ҳам уввос сол, ёшингни тўк, Бодомжон,
Эртак эдим мен Сенга, поймол бўлди эртаклик,
Эркак эдим мен Сенга, поймол бўлди эркаклик.
Дерлар-ку ахир: «Гулни узсин қўша-қўшгани»,
Ҳайҳот, қандоқ кечирай узганини бошқани».
Юрак-бағри тўкилиб Бодом бетус йиғлайди.
Ул шўрликка тикилиб бор эл-улус йиғлайди.
Ҳасан-Ҳусан зорлайди, отасини чорлайди,
Ота боролмас, сим-сим атрофда куз йиғлайди.
Юклар тайёр. Йўл олди Бодом қаддин тутди ғоз:
«Тузингизни кўп ичдим, хизматларим бўлди оз,
Рози бўлинг, бегим», деб бир-бир хайру хўш қилар.
«Бу қай кун», — деб ёқасин ушлар қўни-қўшнилар.
Катта-кичик тикилиб қолган қирда-қиёда,
Қўш гўдаги қўлида, Бодом олдда, пиёда.
Орқада юк машина, бу йўл шундай бошланди.
Қараб туриб кексаю ёшнинг кўзи ёшланди...

*

Қанча ўтди, билмайди, эр келганда ўзига,
Битта-яримта юлдуз чиқиб кўкнинг юзига,
Шом қоронғуси ўтиб қуюқ тун тушар эди;
Унинг бўм-бўш қалбига ўчми — хун тушар эди.
Чап кўкраги санчиди, Ҳасан-Ҳусан жойими,
Сувда ой чил-чил синди, унинг кўнгил ойими?!
Кейин кечаги тунни эслаб кетди ҳовлиқиб...
Ярим тунда қайтарди у шаҳардан толиқиб,
Уйга яқин келганда эшитилди қичқириқ —
Ланг очиқ деразадан уйга ўзин отди тик, —
Ҳайҳот, колхоз раиси, кўп ардоқли дўст уйда!
Хотинига канадек чиппа ёпишган кўйда,
Қучоғидан чиқармас, ўпарди сўриб-сўриб,
Хотини жонҳолатда юлқиниб, ўзин уриб,
Жилолмас, уй ичига сочилган бир даста пул,
Ўзи ҳам сезмай қиндан пичоқни суғурди ул!
Мана сенга раиснинг муруввати, бояқиш,
Туғишгандай, ўртоқдай куйиб-қўллаганлари.
Кўнглинг овлабу авраб топиб бирор зарур иш,
Икки куннинг бирида шаҳар йўллаганлари, —
Ҳайҳот, менинг кўнглимга ғоят яқин эди у,
Шул яқинликдан туриб, юрагимни еди у!
Унга ҳам омонлик йўқ! Пичоқ айтди сўнг сўзни,
«Ёдинг» ушбу сўз билан раис ҳам юмди кўзни.

*

Ёлғиз қари онаси кўз ёш қилди куюниб,
Шўрлик Бодом ҳам олди беваликни кийиниб.
Қўш гўдагим етим, деб етти букилар эди, —
Ич-ичидан кун-бакун тутдай тўкилар эди.
«Раис босқинчи бўлса, менинг айбим нимадир,
Наҳот севги оқибат тошга тегар кемадир.
Бегим учун туманли ишонч бўлдим оқибат,
Туҳмат балоларига нишон бўлдим оқибат.
Фариштам — дерди, мана, фаришта ҳам хор, она.
Қўш олчадай яшаймиз дегани бекор, она».
Ҳасан-Ҳусан кўзига жовдирамоқдан толди,
Гулдайгина келинчак силга чалиниб қолди.

*

...Сўнг ҳам узоқ ётмади, бир чошгоҳда рўйи рост,
Муштипар онасидан шундоқ қилди илтимос:
— Она, кўп бўлгучийди Сизнинг ғазал, байтингиз —
Гўдак чоғимдагидай бугун алла айтингиз.
Фақат ғазалингизда бўлмаса алам-ангиз,
Кейин... менинг юзимга дока ёпиб қўйсангиз...
Фақат узоқ айтасиз, бир эшитай мириқиб.
Кекса онанинг ранги бу гаплардан синикиб,
Ҳаёт бебахт қизидай мотамсаро туюлди,
Алла айтди, жоладай кўз ёшлари қуйилди,
Ўттиз яшар гўдаги қанча истаса айтар,
Унинг маъюс алласи найдай инграган пайтлар
Она юраги билан сезди, қизи силкинди,
Ё уҳ тортди, ҳар қалай, бир зум нафаси тинди.
Ул докани тортганда бир титроқ сезиб тизда,
Қизи тинчиб қолганди, ўтин бўлиб ўттизда.
Ёраб, гуллаб-гулламай нураганни кўрдим мен,
Ўлим олди «алла»ни сўраганни кўрдим мен!

*

Битта қадам, не учун шошиламиз қўймоққа,
Битта қадам ва лекин бўлади-ку тийилсак.
Фақат биз бировларни ўрганолсак суймоққа,
Фақат биз бировларга бирозгина қийилсак,
Гоҳ қаноатда собит, даҳо бўлади инсон,
Ўз нафсин йўлида гоҳ юҳо бўлади инсон.
Одамзод-ку аслида бу дунёга мард келди,
Бир қадамидан гоҳо тиғи паррон-дард келди!

*

...Қўш гўдакни етаклаб кампир кетиб боради —
Қулаган устунини зиёрат қилмоқ учун —
Она бу хил ўйларни унга элтиб боради,
Болам, шундай гаплар, — деб унга эгилмоқ учун.
Ҳасан-Ҳусанлар бўлса тушунмас бу гапларга,
Ҳасан-Ҳусанлар бўлса гўдак дили қонаган,
Қачон она сут бермас бу аччиқ алафларга.
Қачон бу хил қотиллар туғилмайди онадан, —
Йигитмисан йигит эр бир ўқдан ўлди маънан,
Бодом гулидай Бодом бўлди шу ўқ қурбони.
Раис шу бир қадамда бу дунёи гулшандан
Олиб кетди ўзию ўзгаларнинг ҳам жонин.
Бодом, гарчанд, туҳматнинг тошига бермадинг тоб,
Гарчанд ноҳақликлардан адо кетган бир жонсан.
Аммо ўшал қора кун эл кўзидан ўчди хоб,
Ўшал кундан дилларда учқунланган исёнсан.
Майли, гарчанд сендан бир маъюс овоза қолди,
Аммо ишқни букмадинг, аммо ишқ тоза қолди.
Мен бугун хотирлайман сени оппоқ ўлим деб,
Ишқ, номусга жон нисор шаҳид қизил гулим деб.
1983 йил 28 июнь


ХАЛҚОНА ОҲАНГЛАРДА

Йиғласангиз йиғланг ҳушёр, сергак учун,
Не бир яхши, ёмон кунда тиргак учун.
Опам, синглим, кўз ёш тўкманг сира-сира
Аёлга бахт беролмаган эркак учун.

Эркак ўзи кимлигини биламакан,
Бир сирли, тилсимлигини биламакан,
Ишқ гавҳарин аёлига асролмаса
Шўрпешона, шумлигини биламакан.

Йўлга чиқсанг йўлинг берса, бойланмаса
Хаёлларинг тинийверса, лойланмаса.
Эркак эркакмидир аёл жилға бўлиб
Уни айланиб оқмаса, айланмаса.

Дупур-дупур тулпор келар тоғлар билан,
Эркак келар дупурлаб ўнг-соғлар билан,
Аёл қўли ёлларини силамаса
Тулпор кетар кўкайида доғлар билан.

Тулпорларим, укам-акам, оталарим,
Минг-минг уйли халққа эҳсон, атоларим,
Ҳали мунглуғ аёл кўнглин топмапсизми,
Босган изи хатоларим, хатоларим!

Бекор жангу хунлар учун аза очинг,
Ёлғиз ўтган тунлар учун аза очинг.
Ҳатто тоғнинг айиқлари жуфт ахтарар,
Сиз сўққабош кунлар учун аза очинг!

Йўқса аввал Сизга қарғиш тегар бир кун,
Ёв ёприлиб келиб Сизни эгар бир кун.
Ҳали мунглуғ аёл кўнглин топмапсизми,
Кўпаймаган эл камайиб тугар бир кун.

Эл қолмайдир, фақат бойлик, ерлар билан,
Одам топиб кўр-чи на сим, на зар билан,
Гумоним йўқ, қай эл қолса яшаб қолар
Аёлини элим деган эрлар билан!
1984 йил 3 ноябрь


МАРҲУМНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Умидим шулмиди, Сизни кўрган чоқ
Пойингизда гулдай кўкарсам девдим.
Кунлар ботиб, тонглар оқаргунча оқ
Сизни қўлларимда кўтарсам девдим.
Бўлмади, қўлларда кетдим қабрга
Сизга кўтартириб ҳижрон юкини.
Энди сабр берсин Сизга, сабрга
То ечгунингизча эрнинг кўкини.
Чунки ўшангача кетмасман бундан,
Унгача қўнмаса кўкрагимга доғ,
Айниқса гапимиз қовушар тунда,
Бағримга кирасиз ловуллаб, қувноқ...
Йўқ-йўқ, ёри жоним, қолмассиз якка,
Мен олдингидан-да ғамхўр бўламан.
Яшириниб олиб уйга, бурчакка,
Кирсангиз отилиб, қучиб оламан.
...Шундай, кетолмасман бесас, бенаво
Сиз нечун кўндингиз бу кўк тулликка?!
Қисмат Сизга уни кўрди-ю раво
Мени танладими крровулликка?
Кетолмасман. Ўлим бизга бўлмас ғов!
...Қай бир тирик мени суриб келмаса!
Сизни қўлларида кўтариб биров
Қай бир тун ётоққа кириб келмаса...
Унда дунёнинг бор йўллари билан
Қочаман, ўликлар — ожиз, бу бор гап.
Сизни кўтарган шу қўлларим билан
Чувалган кафаним тортқилаб, судраб...
Умидим шулмиди, Сизни кўрган чоқ...
1984 йил 3 ноябрь


БИР ҚАДАМ ОЛДИНГА

Юрагим бехосдан кетди-ю порлаб
Ёлғиз кўтаролмай хаёлларимни,
Яшадим бир қадам олдинга чорлаб
Дунёнинг қимтинган аёлларини.

Бир қадам бўлса ҳам олдинга ташланг,
Қарорми, тахминми, чама олдинга.
Қўйнинг терисини уқалаб, ошлаб
Кунгайда ўтирган момо, олдинга.

Эркакнинг дилига йўл олган аёл,
Кўнгил эшигида туриб қолма тик.
Бол эмассан, аммо бўла олгин бол,
Бир қадам олдинга ташла беҳадик.

Гарчанд бўлиқ ердай сахийдир танинг,
Доим ҳам сочингни силамас ҳаёт.
Ёраб, хоин чиқди сенинг туққанинг,
Бир қадам ташла-да уни ўзинг от!

Қоплаб келаверсин ерларни булут,
Етмас, туташолмас сенинг барингга.
Индира Гандидай бир қадамга ўт
Саккизта гул қадаб кўкракларингга.

Илоҳам, ёнаркан кўксингда ўч, кек,
Қасос майдонига келаркан кириб,
Бир қадам олдинга ўт, Тўмарисдек
Ёв бошини қонли хумга ботириб.

Тақдирлари лавҳин қон билан ёзса
Ёзган, хиёнатда кўнгил ёзмаган.
Бир қадам олдинга ўтганлар озса,
Ақлдан озганлар, йўлдан озмаган!

Бугун ҳам бир қадам олдинда шу гап -
Саратон, қаҳратон ивиб қор, қонда,
Ерни, гўдакларни ўқдан паналаб
Жасорат ўтирар Гренем-Коммонда!*

Улар фидо, улар адо, эркка қул
Қучоғингда шохдай шод ўсганларинг.
Ҳаёт, сени асраб қолганлар ҳам шул, -
Бир қадам олдинда қон қусганларинг!

Бир кун буюк ҳайрат этар бизни лол,
Мурод манзилига етар жами халқ.
Бир қадам олддаги қасоскор аёл,
Ўз онаси билан кетар жами халқ!
1985 йил 21 июнь


ЧАҚИРИҚ

Бу уйда ёши саксонларга бориб қолган ёлгиз кампир, Ленинград блокадасининг қатнашчиси яшайди.

«Менга ёрдам беринглар», тўшагига михланган
Кампир ёрдам сўрайди, ҳеч ким келмайди етиб.
Ҳеч ким овоз бермайди, наҳот ҳамма ухлаган —
Қават-қават дераза, эшикларин беркитиб.

Каравотдан дераза, эшикка тортилган ип,
Аммо тортиб очмоққа дармон қани қўлларда.
Чопқир оёқларини баднафс уруш қўйган еб,
Ленинград. Изғирин, блокада, йўлларда.

Аввал уруш, очлик, сўнг ёлғизлиги қўшилиб,
Мана, сўнгги йилларда тўшак билан бир бўлди.
Дард бошқа, ажал бошқа, кета олмайди ўлиб,
Гоҳ ёрдам ўтинганда юрак-бағри ер бўлди.

Қўшнилар сон-саноқсиз, бир устин ўровчи йўқ,
Унин эшитиб кирмай ўтиб юргани қанча.
Билишарки ул ойдай ёлғиз, бир сўровчи йўқ,
Шундан уйнинг бўшашин кутиб юргани қанча.

«Оҳ-воҳ» қилаверманг, деб гоҳ ўтишар ҳам яниб,
Ёраб, қичқириғин ҳам айтмоғи шарт шивирлаб.
Менга ёрдам беринглар, уларни олай таниб —
Одамми шу атрофда тинмаганлар ғимирлаб.

Одамми шу интизор, илтижога кар бўлиб,
Хонасин ичдан қулфлаб, илмни қуваётган.
Бир хаёли амалу бир хаёли зар бўлиб,
Терлаб, олим эрчасин кийимин юваётган.

Одамми эшигига қопағон итлар қўйиб,
Мушугин косасин ҳам тилло қилиб юрганлар.
Шул дераза тагидан кўру кар ўтиб, суйиб,
Ялашиб бир-бирини, ялло қилиб юрганлар.

Ҳой, одамлар! Бул надир, анқиётган аччиқ дуд,
Ёрдам керак, кечикмай бир-бировга беринг ун.
То иймон, эътиқодга тамом кетмасин ўт,
Блокада кунлари қайтиб келмасдан бурун!
1984 йил 28 октябрь


ҚИРЧИЛЛАМА ҚИРҚ ЙИГИТ

Бу жанг асли сув билан оловнинг жанги бўлди,
Эскирган жароҳатлар қайталаб янги бўлди.
Тунлар бевақт сарғайиб ҳижроннинг ранги бўлди,
Белларин кўтаролмай йўллар беланги бўлди,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Энди деганларида қарчиғай йигит бўпди,
Аста эгилиб қизни ё ўпмади ё ўпди.
Аммо учиб кетдилар лочини бўлиб кўпди,
Аммоюрт қон қақшади, юртда қиёмат қўпди,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Қайтмадилар ва лекин «номаълум» деб ёздилар,
Қайда ниҳон юрурлар шунча қишу ёз улар?
Оналари гоҳ ҳушли, гоҳ ақлдан оздилар,
Қондошлар гоҳ кўнглида гўрларин ҳам қаздилар,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Юрагимда аччиқ ўт, на гинаю на зарда,
Ерга сиғмай қоламан фақат баъзан кечларда.
Ленинградда ўлган балки, қамал, ўчларда,
Балки Бухенвальддадир, одам ёқар печларда,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Қирқ йигитни қирқ асов той десам от бўлмади,
Қайтган турналар ичра қирқ қўш қанот бўлмади.
Улар қирқта шон бўлди, бирор иснод бўлмади,
Қирчиллама бу ҳаёт аммо ҳаёт бўлмади,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Қирқ йигитни дўл урган қирқта боққа менгзадим,
Тўфон келиб ўчирган қирқ чироққа менгзадим.
Юрагимда ўйилган қирқта доққа менгзадим,
Тикланар чоқ қулаган қирқ байроққа менгзадим,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар.

Йигирма миллион байроқ гўрли-гўрсиз қўзғолса,
Совиётган ўчоқлар қўрли-қўрсиз қўзғолса,
Мункайган келинчаклар эрли-эрсиз қўзғолса,
Бугунги урушқоқлар, Сиз не дерсиз қўзғолса,
Қирчиллама қирқ йигит уйга қайтмаган кунлар!
1984 йил 28 октябрь


ҚАМАЛ КУНЛАРИДА

Қамал кунлар шаҳар жим-жим йиғлар одатда,
Сал шарпадан ҳар бир қарич тупроғи додлар.
Ҳар эшикдан чиқаверар кўзлари катта
Эти бориб суягига ёпишган зотлар.

Хаёлимда кимдир бетин қўнғироқ чалар,
Қарға мурда кўзин чўқиб келаверади.
Тобуту гўр етишмаган гўдаклар, чоллар
Тўп-тўп бўлиб гўрдан чиқиб келаверади.

Ким чидаб жон сақлар озғин мушугини еб,
Ким чидамас, ақддан озиб қаҳ-қаҳ солар ким.
Шоир шеърда «Биз ғалаба қилажакмиз» деб
Мук тушиб иш столида қилар жон таслим.

Тушларимда қичқираман, ҳеч ким бермай сас,
Арвохдай соб, дардин ичга ютиб туради.
Мевалармас, ўликларни ташиб улгурмас
Жасад ортган машиналар ўтиб туради...

Йўқ, фашистлар остонада қоларлар туриб,
Билолмай бу адо ернинг куч, сирларини,
Мингдан қолган ўн қасоскор тишин ботириб,
Улуғ шаҳар узар қамал занжирларини!

Қамал кунлар шаҳар жим-жим, йиғлар одатда...
1984 йил 28 октябрь


ҚАМАЛ ҚИШИДА

«...Кеча менга бир ҳунар мактабининг директори «дурадгорлик цехидаги болалар клейни, гулларни еб қўйишди», — деди».
А. Чаковский.
«Қамал» китобидан.

Ўсмир укам, қўлларингга буюр, ишласин,
Станокнинг музларини эритсин тафти.
Ҳис эт, сенда лаҳза қамал қиши қишласин,
Ҳис эт, клей еб тўймаган бола ўляпти!

...У синглисини ётқизиб тонгда чанага
Шошилганди, боғчагамас, уни кўмгани.
Йўл портлади, ўзин урди бомбапанага,
Сингилчасин мурдасини қайтиб кўрмади.

...Уйга келса, бемор она тошдай қотибди,
Қўл теккизди... совуқ музлар кирган танига.
Онажони ним табассум қилиб ётибди
Очлик... азоб... оғир дарддан қутулганига.

Шовқин. Ўлик йиғувчилар эшикдан кирар,
Бола чолдай бир амаллаб кўтаради қад.
«Тобут, тобут йўқми Сизда?» — бола жовдирар,
«Тобут, тобут отлиққа йўқ», ғудранар солдат...

Сўнг, судралиб ишга келди, рангпар, қоқсуяк,
Очлик енгиб йиқиларкан, токчани кўрди...
Унда турган қатор гулдан қолди гултувак,
Жонтер босиб клейни ҳам паққос туширди...

Сўнг қулади. Қулади-ю, турмади қайтиб,
Ўлар экан шишиб кетди, сарғайиб тани.
Станокдан сўра, додлаб беради айтиб
«Нон, нон», дея сулайиб жон берган болани!

Ўсмир укам, қўлларингга буюр, ишласин,
Станокнинг музларини эритсин тафти.
Ҳис эт, сенда лаҳза қамал қиши қишласин,
Ҳис эт, клей еб тўймаган бола ўляпти...
1984 йил 29 октябрь


ҲАЙКАЛНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Кўз ёшингни тўкиб дув
Тўкма тоқат жомимни.
Тағин келдингми, ёҳу,
Титратмоққа жонимни.
Томган қўрғошин ёшдай,
Ўт чиқиб кетса тошдан,
Мен ёниб йўлга тушсам,
Қувониб йўлга тушсам.
Тасаввур қил, бор ҳайкал
Бир-бир ўрнидан турса,
Дала қолса, қолса зал,
Бари ёниб югурса.
Тасаввур қил, ётоққа
Ёнар ўт, кириб борсам,
Ўт сиғмайдир қучоққа,
Бегонадай боқарсан.
Кўнглим оғриб ўшал тун
Уйдан бўларман ғойиб.
Ва ҳайкал дўстларимга
Қўшиларман мунғайиб.
Биламан, Сен ортимдан
Югурасан қоқилиб,
Барча туллар уйида
Бирдан чироқ ёқилиб,
Ялангбош, ялангоёқ
Отилишар кўчага,
Уйлар ёнар, ёнар боғ,
Ўт кетади кечага!
Йўқ, йўқ, мен бу қизиққон
Шеърни қўйдим-да ёзиб.
Эй, мен учун куйган жон,
Муносибим, муносиб.
Тун. Уйга қайт-да тирик
Сўзимни сўйлаб ухла,
Бўйимни бўйлаб ухла.
Сени қучолмаган, тик
Эрингни ўйлаб ухла.
1984 йил 29 октябрь


ХАТО ТАКРОРЛАНМАС

Хиросимадаги атом бомбасининг қурбонлари шарафига қўйилган ҳайкал пойида: «Тинч ухланг, хато мангу такрорланмайди!» — деган ёзув бор.

Хато такрорланмас, такрорланмайди,
Одам ўйлаб, кўриб турса ҳар лаҳза.
Ким алаҳлаб келган жойига қайтди,
Баданин куйдириб ўқ лаҳча, лаҳча.

Аёл, болаларни подадай ҳайдаб,
Бир саройга қамаб фашист ўт қўйди,
Сен вақт топиб тез-тез бор ўша жойга,
Сен шу култепани юракка ўйгин.

Командирнинг аввал бир кўзин ўйиб,
Қўлларин устунга михлаб қоқдилар.
Кейин бошдан-оёқ керосин қуйиб
Товонидан бошлаб гугурт чакдилар.

Кўз олдида суйгун эри отилди,
Суйгун гўдагига санчилди пичоқ.
Аёлнинг гуноҳи афу этилди,
Аёлга очилди ишқ билан қучоқ.

Шу тун қаро кечди аёлнинг туни,
Болта билан фашист бошини узди.
Ва ақли ҳам учди бошидан унинг,
Шодмон қаққаҳаси дунёни бузди!

Сўнг бор кийимларин ечиниб отди,
Ёвни излаб кетди, соч ёйиб, дайдиб!
Агар... шу лаҳзалар чикмаса ёддан,
Уруш — машъум хато такрорланмайди...
1984 йил 28 октябрь


ВАТАН БАХТИ

Урушдан қайтганлар, ё қайтолмаган,
Бевақт қўпорилган дарахт оталар.
Қайтиб дардин айтган, ё айтолмаган,
Гунг оталар, соқов, карахт оталар.

Тутун бўлиб қочиб чиққанлар — Ватан
Бухенвальднинг қора мўриларидан.
Гўдакларин ерга экканлар — Ватан
Қамал кунларида. Очлик зўридан.

Юпун, оч, қамалнинг изғиринида
Ўпкасини совуқ олганлар ҳаққи,
Ҳар ханжарлар ҳали чиқмай қинидан,
Ёв тупроғи аро қолганлар ҳаққи,

Йигитга кўрпадай ёпилган қорлар
Очиқ кўзигача тўлгани ҳаққи,
Тунда ўт-ўлан еб шишган беморлар
Тонгда қаторлашиб ўлгани ҳаққи,

Ватан, бул яралар кетмайди битиб,
Ватан, Сенинг номинг қон аралаш ШОН.
Сенга келган ўққа кўксини тутиб,
Фарзандларинг шундай бергандилар жон.

Шундан Ватан десам, десам мен байроқ,
Кўксим оғрир, оғир, кўп оғир бу бахт.
Кўксимга ўт тушиб ёнабошлар боғ,
Қўпорила бошлар дарахтлар бевақт...

Менам бир фидойи руҳ ила бир тан
Ёз кунларинг ёзлаб, қишингни қишлаб
Кетяпман, Сен билан қовушиб, Ватан,
Аччиқ, азиз бахтинг тишимда тишлаб.
1984 йил 3 ноябрь


ЭСКИ САНДИҚ

Эски сандиқ, эски сандиқ, ёғочмисан, темирми,
Эски уйда макон тутдинг холигина бурчакни.
Нимадир ул сенда туриб келинчакни емирди,
Нимадир ул кўнглин олиб гуллатди келинчакни.

От айланиб қайта-қайта қозиғини топгандай,
Сенга қайтиб келаверди келинчакнинг йўллари.
Не узилди кўкрагидан Сени ҳар гал ёпганда,
Кейин нечун қай пайтгача титраб юрди қўллари.

Воҳ, биламан, унинг учун очилсанг — Сен ёрилтош,
Сарғайиб, титилиб кетган эртак чиқиб келади.
Йўқ, кўз очиб кўрганим деб бир ёстиққа қўйган бош,
Уни қўлда кўтаргувчи эркак чиқиб келади.

Кўтармади, жангга кетди, қайтган сариқ эртагин
Почта қутисидан олди, уруш уни яхлатди.
Дунёларга сиғишмаган Гўрўғлидай эркагин
Парчагина қоғоз қилиб сандиғига тахлатди.

Шу-шу, йиллар, сувлар оқди, келинчак ҳам қариди,
Қирқ йил босди шу эртакни кўкракнинг чап ерига,
Балки бугун қушдай енгил, бор ғамлари ариди,
Ахир қирқ йил сир айтди у сандиқдаги эрига.

Шу сандиқни дарёга бир оқизсам деб ўйлар гоҳ,
Ботаётган кунга қараб, артмасданам ёшини.
Ажаб эмас, Тоҳирдайин ул тирилиб чиқса, оҳ,
Тоҳирдайин... йўқ, Тоҳирдай кўтармас ул бошини...

Эски сандиқ, эски сандиқ, ёғочмисан, темирми?
1984 йил 3 ноябрь


ҚАЙТМАЙМАН...

«Қайтмайман, бурчимни ўтаб ўламан» —
Қирқ иккинчи йилдан ёздим кўчириб.
Мен бугун тўламан, жомдай тўламан —
Кечмиш тўфонларни қайта кечириб.

«Қайтмайман, бурчимни ўтаб...», во дариғ,
Қоғознинг қолгани кетган титилиб.
Қирқ йилки бу кўм-кўк олам сап-сариқ,
Яшайман қоғоздай бағрим ситилиб.

Қайси тўзим билан ўтказдим бошдан
Қирқ йил қайталаган кўклам, ёзни мен.
Кўкрагимда ёнғин чиққанда тошдай —
Тошдай босдим унга муз қоғозни мен.

Истасанг кўп нарса амалга ошар,
Истадим, шу қоғоз менга эр бўлди.
Фақат қўмсаган чоғ йигирма яшар
Истагим ер бўлди, кўнглим ер бўлди.

Қайтмайман... ҳа, мен ҳам қайтмадим фақат,
Умр ўтди ҳижроннинг тутунин ютиб.
Кетяпман, кўксимга муҳрланган хат,
Сарғайган шу қоғоз қўлимдан тутиб.

Қайтмадим... мард туриб тугаётир жон,
Қайтиб, Сенга юм-юм ёш қуйсам, қани?!
Мўъжиза бўлса-ю тирилсанг бир он,
Қайтиб кўкрагингга бош қўйсам, қани?

Қайтмайман, бурчимни ўтаб ўламан.
1984 йил 24 ноябрь


ҚИРҚ ЙИЛДАН СЎНГГИ НИДО

Кимга ўпкам, зорим, бу мунг, бу гина,
Қонларимда қолди не болагина.
Миртемир.

Не бир гўдакларнинг заволиман мен,
Бедорликдан маҳрум кўзларимда хоб.
Дунёнинг кўндаланг саволиман мен,
Ҳали-ҳануз ҳеч ким топмаган жавоб.

Сўраманг умримнинг баланд-пастидан,
Умрим — алоқ-чалоқ, босиринқи туш.
Узун умрим бўйи бешик устида
Бедор, қалқиб ўтсам эмасдими хуш.

Ахир узун тунлар зил, қўрғошин тан,
Оҳ урсам оҳимдан ёстиғим куйиб.
Умрим ўтмадими бир бор тутмасдан
Гўдагимга кўкрак сутимни ийиб.

Мен ҳам аёл эдим мевадек суюк,
Жон-жонимда сўнган ўтларим билан.
Қонларимда қолган не гўдакка ризқ
Кўксимда қуриган сутларим билан.

Дунёга кўндаланг саволдирман мен,
Ҳеч ким жавоб бериб қаролмайди тик.
Ҳам бахтсиз, ҳам хушбахт аёлдирман мен,
Қирқ йилки елкамда «уруш» деган юк.

Бахтсизлигим, тутаб кетдим гоҳ ўчдан:
«Ёлғиз ўтмади-ку қанча ёш-қари!»
Бахтим шу, уйимни қулфладим ичдан,
Бу ўй судрамади мени ташқари.

Бахтсизлигим шуки, ўтдим ишққа зор,
Кўрдим-у, қаддига кўзим тўймади.
Бахтим шу, кўйида сочим бўлди қор,
Ётоғимга ўзга оёқ қўймади...

Бахтсизлигим, умрбод кўз тикканларим
Қирқ йил, қайтмади-ей, сароб бор шукуҳ,
Бахтим, шу туйғуга кўникканларим,
Ҳайратдаман, қандоқ портламади руҳ!

Бахтим... бахтсизлигим... санчаверди тиғ,
Гарчанд ҳамон бутман, демакки, ютдим.
Ҳузур-ҳаловатли ердан, воҳ дариғ,
Мен ўз-ўзим билан курашиб ўтдим.
1984 йил 24 ноябрь


ШОИРА СИНГИЛЛАРИМГА

Опангиздан ўтибди, гоҳ сархуш, гоҳ ғаш юриб,
Ниш урган гул-чечакни сезмай қолаёзибди.
Ўз-ўзи билан машғул, хаёл аралаш юриб,
Ортдаги келажакни сезмай қолаёзибди.
Балки сизга сал бефарқ боқиб кетган опангиз,
Хаёл дарёларида оқиб кетган опангиз.

Сезиб қолдим, Сиз мени таъқиб этасиз тинмай,
Яқин-йироқдан руҳим, шеърларимга мўралаб,
Чиқиб келаётибсиз кўриниб, гоҳ кўринмай,
Қишлоқ, пахса деворлар орасидан оралаб.
Келинг, айланиб келинг, юлдузим, ойларимга,
Ё мен тавобга борай туғилган жойларимга.

Ўзингизни кўрмасдан шеърингизни танидим,
Биламан, қайлардадир рақс тушяпсиз эшилиб,
Қайда бўлса ҳам ҳар хил нигоҳлардан панада,
Балки ой ёруғида қушлар билан қўшилиб,
Дарахтларнинг шохида ялангоёқ ўйнайсиз, —
Гўдакликнинг боғида дайди, саёқ ўйнайсиз.

Ўйнай-ўйнай бир куни тонгда келаркан кириб,
Сизни жилдий нигохда кутиб олади шаҳар.
Кўксингизни тартибли ўтлар билан тўлдириб,
Бора-бора борингиз ютиб олади шаҳар.
Аста-аста кўникиб, сизам шуни хушлайсиз,
Тунда ҳаммадек ухлаб, кундузи тинч ишлайсиз.

Кейин севибми, севмай бир йигитга тегасиз,
Кейин... ўғил-қиз қатор... ҳар тарафдан бой бўлиб,
Бир куни қарайсизки ҳамма бахтга эгасиз...
Сўнг тўлиша бошлайсиз ўн беш кунлик ой бўлиб,
Ҳайҳот, ул кун йиғларман дилимга доғ тўлди, деб,
Бу тўлишган вужуднинг руҳи ҳалок бўлди, деб.

Дейсиз, шоир ким ўзи, қандоқ шоир бўлгансиз?
Йўқ, шеър ёзай деб ёзиб кўчирмаганман оққа.
Ундан кўра сўрангиз қай ўқлардан ўлгансиз,
Қайси ўқлар қайтадан қўйган Сизни оёққа!
Сўранг, юрагингизга қачон санчилган тиғлар,
Ахир азага борган ўз дардин айтиб йиғлар.

Шоир эса... йўқ, фақат ўз дардидан куймайдир,
Ўзга ғамдан сарғаймай, ўртанмаган вақти йўқ.
Токи ерда бир инсон ғам ўтида куйгайдир,
Дегайман, бу дунёда шоир зотин бахти йўқ.
Аро йўлдасиз, синглим, ё шеър денг, ё тинч бахтни,
Кўрмадим бу иккисин бирдай кўтарган тахтни.

Бургут полапонларга учмоқни ўргатган чоғ
Аямасдан ташларкан энг юксак қоялардан.
Менам сизга бор гапни айтиб турибман шундоқ,
Сиз устунсиз юмшоқ сўз, мижғов ҳимоялардан.
Қоялардан тушганда қолгаймикансиз тирик,
Унда бир тишлам нонга сизу биз абад шерик.

Унда мен олдиндаги тоғлар умрин тилар чоғ
Суюниб ҳам қўяман, ортда ҳам тирак бор деб.
Хотиржам кетажакман, бир кун тоғдай қулар чоғ
Ортда мендан ортиқроқ куюнчак юрак бор деб.
Қачон етиб келдингиз Сиз ортимдан куюниб,
Қачон олақолдингиз балоғатни кийиниб?

Опангиздан ўтибди, қандоқ сезмадим Сизни...
1983 йил 22 октябрь


БИР ХАТО ИЗТИРОБИ
(бир аёлнинг кундалигидан)

У келар бағрига солиб ишқдан ганж,
У келар бағримда сайрайди қумри.
У билан уйимга келади юпанч,
Ярим соат менинг юпанчим умри.

Ўзимга жой топмай қолиб шошаман,
Унга отиламан севиб, ўкиниб.
Ярим соатгина тўлиб-тошаман,
Ярим соатгина... сўнг қолгум тиниб.

У қўл соатига қарайди маъюс,
Кўксимда нимадир қад кўтарар даст.
У чиқиб кетади, деразадан куз
Мунғайиб кўзимдан кўзини олмас.

Кейин туйғуларим тутаман тунга,
Кўкрагим бир ўтдан ачишади, бас.
«Ўзимники бўлинг», дейман мен унга,
«Меникисиз» демоқ қўлимдан келмас.

Кейин узун тунлар ўйга толаман,
Туш кўраман, кўзим илингани он.
Тушимда оқ каптар бўлиб қоламан,
У ўз қўлларида тутар менга дон.

Уйғониб кетаман, уйғониб: «Нега?..»
Ғалаёнли ўйлар келар бостириб.
Нечун ўз уйига бўлолмас эга,
Эшигимдан ошкор келолмас кириб.

Наҳот инсон ўз айб, ўз хатосининг
Бир умр ўйнаса ўйинларига.
Наҳот бир умр ўғлим ўз отасининг
Ошкор осилолмас бўйинларига?!

Шу қисматни раво кўрдими ҳаёт,
Қиздирсин деб ғийбат, гап ўчоғини.
Гулдай таним билан бир умр, наҳот,
Иситиб яшайман тун қучоғини...

Оҳ урсам, оҳимдан ўт кетар тунга,
Қарғамай десам-да ёшлик, мастликни.
Ўша мастлик — МЕНИ тутқазган Унга,
Менга «МЕНИКИСИЗ» деёлмасликни...
1984 йил 2 ноябрь


БУ УЙЛАР

Бу уйлар уй эмас, бирдай тўлишиб
Яшайверсанг, бир бор сўлиб чиқмасанг.
Бу майдон майдонмас, ҳар куни тушиб,
Юз тирилиб, юз бор ўлиб чиқмасанг.

Эй шоир, яшаш-ку тинмас кураш, жанг,
Майли, тинма, иқбол берсин, гурулла.
Навоийда минг дард, бирин айтмасанг,
Сен бу шоирлигинг хашакка пулла.

Йигит, мен билмайман, сенда қанча зарб,
Аммо содиқ эрсанг халқдай даҳога,
Илтижо қиламан, бошланаркан ҳарб,
Ҳеч йўқса айлангин Бобур Мирзога!

Гарчанд бугун суймоқ, куймоқ дарди кам,
Ёраб, эртага ҳам тўлиб ўтмаса,
Бу дунёда йўқ денг Ҳалимани ҳам
Камида Нодира бўлиб ўтмаса.

Бу уйлар уй эмас...
1984 йил 2 ноябрь


* * *

...га

Кўп қизғанаверманг, бўлинг серҳиммат,
Шубҳа қилаверманг ҳар ҳол, ҳар кезда.
Мен дидлаган молнинг баҳоси қиммат,
Ундай тоза инжу на қилсин Сизда.
Титраманг, молингиз қолсин фойдага,
Ҳар кимни ўзимга пир қилмасман мен.
Сиздаги арзимас майда-чуйдага
Теккизиб, қўлимни кир қилмасман мен.
Лермонтов айтгандай оҳангларни мен
Кўқдан ундираман, йўлин топиб хўп.
Қисқа умримдаги бор жангларни мен
Бир шарҳин битсам ҳам бўлгай талотўп.
Кўп қизғанаверманг...
1984 йил 2 ноябрь


КЎКРАГИ ДОҒЛИЛАРГА

Ривоят қилурларки: бир табиб чархлаб пичоқ,
Зоғ кўксини тиларкан кўриб қолибди бир доғ.

Воҳ, кўкси доғлик эркан, бул зоғни қўйибди ул,
Дарҳол тутиб келтириб бошқа зоғ сўйибди ул.

Ёраб, бунда ҳам бир доғ, яқосини тутибди,
Ҳайрат билан учинчи зоғ кўксини титибди.

Доғ устига доғ эмиш, учинчи зоғ кўкраги,
Ҳайҳот, шунча дард чекса, қушлар, ҳатто кўкдаги!

Ва жунбушга келиб ул кўксин очмиш минг зоғни —
Оҳ уриб ҳар бирида кўрганида бир доғни...

Беҳол табиб ёзибди «бу дунё кўп қадим», деб
«Унда бирорта зоғи бедоғ учратмадим», деб.

...Одамларда бедоғ дил, эгилмаган қад учрар,
Кўкрагида бир доғ йўқ, бедард, бўйи бад учрар.

Аммо менинг шарафим кўкракнинг доғларига,
Кўкси доғлини олдим кўзим қароқларига.

Йўқ, йўқ, беҳудага ҳеч кўкракларга тушмас доғ,
Шиғил мевасин ахир кўтаролмай синар шох.

Қатор ўғил-қизини ўстиргунча тик қилиб
Отанинг тик қомати қолгай ахир букилиб.

Ўриб қирқта кокилни қизига бергунча то,
Онанинг ўз сочлари тўкилиб бўлгай адо.

Йўқ, йўқ, беҳудага ҳеч кўкракларга доғ тушмас,
Бизнинг лаблар сохта сўз, мақтовларга қовушмас.

Ҳақ сўзимиз рўёни албат ўтажак янчиб,
Шу ҳақ сўзни айтгач гоҳ қолар кўксимиз санчиб.

Бизнинг юрак доғлидир, ким учундир куйдик биз,
Ким учундир кўкракда оғриқ, дардни туйдик биз.

Соғлом, бўм-бўш қалб билан яшамадик бекорга,
Яраланиб бўлса ҳам малҳам бўлдик беморга!

Сўнгги йўлга кетармиз, шафқатни тишда тишлаб,
Доғли, ярадор, лекин тоза юракни ушлаб...
1986 йил 12 июнь


БУ ВАТАН...

Мен Ватан сўзин қандай нафас билан айтаман,
Бу йўлда қайдан бошлаб, қай нуқтадан қайтаман.
У бир гўдак, мен уни қай тарзда улғайтаман,
Билмам, ўзни англай деб кўз юмдимми қай фурсат?
Шу хил турфа ҳолатлар аста ростлай бошлар қад.

Лампачироқ пилиги титраб, куяр кечалар,
Келинчаклар бошини музга қўяр кечалар,
Чақалокдан отасин ҳидин туяр кечалар,
Куёвлар қайтиб келмас, келган ғамни ғарамлаб,
Келинчаклар фиғони: «Вой тўрам-ей, тўрам»лаб.

Қад кўтараверади йиллар деворин йиқиб,
Бир тикилган маҳсини тўрт бор тўздириб, тикиб.
Кўрпасин бошга тортса, оёғи қолган чиқиб,
Қийин кунлар қорида юпун, ивиган аёл,
Тирноғидан қон сизиб, кўсак чувиган аёл.

Шу келинчак, шу аёл Сенмасмидинг, дилбандим,
Етмиш икки томирим, жигарим, банди-бандим,
Сен отамми, боламми, билолмайман, асли ким,
Бир четида қуёшдай онам ботган Ватаним,
Бир четини қўриқлаб отам ётган Ватаним.

Отам бўлсанг руҳингга садоқатдан айтайин,
Болам бўлсанг ёнар жон, ёнар хатдан айтайин,
Момом, онам айтганни мен бошқатдан айтайин,
Кўйлагим шамолидан баҳра олар Ватансан,
Майсасида сочимнинг ҳиди қолар Ватансан.

Кўраман, хаёл суриб мардлар кетган йўл билан,
Этик изин соғинган чечакли ўнг-сўл билан,
Жанг ханжарлари кесган йигирма миллион қўл билан,
Ғалаба байроғини кўтаришган Ватанни,
Ким разолатдан куйса тенг куйишган Ватанни.

Шундай ғалаба барҳақ, ер билан кўк қўлласа,
Кечаю бугунги кун, виждону ўқ қўлласа,
Ҳар улусин энг аввал чап кўкрак — чўғ қўлласа.
Суян, абад нурамас қоя бўлар бу Ватан,
Авлодларни кўтарган ғоя бўлар бу Ватан.

Бугун менинг кўксимда гул унадиган куним,
Дийдорингга термулиб жим, тинадиган куним,
Сутдан ҳалол юрт, Сенга сиғинадиган куним,
Бир четида қуёшдай онам ботган Ватан деб,
Бир четини кўриқлаб отам ётган Ватан деб.
1986 йил 12 июнь


ЧИННИ КОСА

Ўғил-қизи гуллаб, кўкариб
Етилганда, одамлар одди.
Ҳар бирини бошда кўтариб,
Она ўзи букилиб қолди.
Бугун улар яшарлар бекам,
Кўндирмаслар киприкка гардни.
Аммо ҳамон дил ўксиган дам
Бориб унга тўкарлар дардни.
Бор ғурбатни — эскими, янги,
Айтиб^-айтиб ўйга толдириб,
Қайтиб учиб кетарлар, енгил,
Юкларини унга қолдириб.
Оғир, бедор кечар яна тун,
Кўкрагида ортади оғриқ.
Фарзандлари... эсга тушган кун
Хат ёзарлар тилашиб соғлиқ.
Хато, хато, хато бу ҳоллар,
Бу ёзуғни ўзинг ўчиргил.
Турли ёққа эсган шамоллар —
Фарзандларни ўзинг кечиргил.
Ўнта фарзанд ўн бахтга эга,
Ҳар бирин ўз ишқу ғазали.
Ўнта гўдак талашиб еган
Битта чинни коса асалим!
Тўхтанг, уни тинмасдан ичиб,
Еяпсиз-ку уни тинмасдан.
Ўн томондан ўнта қуш учиб,
Етиб боринг коса синмасдан.
Тўғри, рўзғор нондир, рўзғор сув,
Аммо Она, Онадан нари.
Тортарми қиз қўғирчоғи-ю,
Ўғилчанинг самокатлари...
Тўхтанг, бундай яшамоқ таҳқир,
Сизни қандай тақдир кутмоқда?
Ўновингиз ярарсиз, ахир,
Бир кампирни бошда тутмоққа.
Яшаяпсиз гўдакка ўхшаб,
Керак пайтда солмай қошиқ, чанг,
Тўхтанг, коса қолмасдан бўшаб,
Тўхтанг, коса синмасдан тўхтанг!
1986 йил 28 сентябрь


УЧИНЧИ ҚИЗ

Шекспирнинг «Қирол Лир» трагедиясини ўқиб:

Айтолмайман ширин сўз авраб,
Кечиролмам пастлик, гуноҳни.
Тоза қалби барча ўққа даф —
Мен учинчи қизиман шоҳнинг.

Опаларим ўхшаш нусха гул,
Мақтай олар силлиқ, ширали,
Мен тўғрисўз — юрагимга қул,
Бир юракки чапдаст, қиррали.

Опаларим зарга кўмади,
Ширин алдоқ, сийлови баланд.
Мени эрим олиб жўнади
Юрак, шул бир бисотим билан.

Кекса отам учун талашиб
Ардоқлашга топиб минг сўз, ранг,
Аввал мушук янглиғ ялашиб,
Сўнг солдилар кўкрагига чанг.

Мол-дунёсин бўлгунча олиб
Тантиқ жонни унга тиқдилар.
Олгач, юртдан олдига солиб
Шир яланғоч ҳайдаб чиқдилар.

Ҳақ эшитди, балки, оҳимни,
Қайтарди-ю уни қўлимга,
Қутқарар чоғ қиблагоҳимни —
Мен ўзимни бердим ўлимга.

Халқим, сени ўртамасин дард,
Бошгинангга келмасин-ку тун.
Аммо билиб қўймоқлигинг шарт,
Мен учинчи қизман Сен учун.

Сен Лир эмас, Корделия — мен,
Фақат абад Сен емагин панд.
Ҳақнинг ўзи сени асрасин
Опаларим янглиғ қизлардан.
1986 йил 28 сентябрь


МУҚАДДАС АЁЛ

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳакда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

«Аввал: «Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ», дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб шўр, талх, дедилар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл, — деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
1986 йил 28 сентябрь
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:08:03
- «БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР» ТЎПЛАМИДАН -
(1993)

Кўзингизга тортса ҳам мил,
Кўпригингиз бўлса ҳам қил,
Номард билан топишманг тил,
Сарсон бўлинг, сарсон бўлинг.


АЁЛГА БОШ УРИШ

Қадим ҳаёт йўлларида
Кўпдир зоти — аёл, бас.
Тўмариснинг қўлларидан
Туғ олмаган аёлмас.

Руҳим, юлдуз, кўкка боғлан,
Юлдуз — фақат хаёлмас.
Улуғбекдай битта ўғлон
Туғолмаган аёлмас.

Кўпни кўрган бу ер юзи,
Кумга сингган садо, сас,
Жалолилдин туғмай ўзи,
Мард кўринган аёлмас.

Навоийсиз-ку жаҳон йўқ,
Бор ҳайрат-ку ўшанга.
Онасидан бир нишон йўқ,
Тиз чўкинг йўқ нишонга.

Фидоликка кимдир қодир,
Кўқдами ё гўрдаги?
Барча тирик, ўлик ботир
Бўлса унинг гўдаги!

«Даҳо»ламай тек туринг, Сиз
К,олманг ранжу уволга.
Йўқ, аёлга бош уринг, Сиз,
Даҳо туққан аёлга.
1988 йил 12 июль


БУ ДУНЁДА

Бу дунёда ёқа ушлар ишлар кўп,
Мен — ёзман, — деб оёқ тирар қишлар кўп,
Одамликни даъво қилар қушлар кўп,
Кўра-кўра кўзи тинар одамнинг.

Салла десанг атайлаб бош келтирса,
Тўғри сўзинг ҳасаду — тош келтирса,
Даврон оқил қолиб, пасткаш келтирса,
Кўра-кўра кўнгли синар одамнинг.

Олов ерда, аршда бўлса тутунлар,
Зўрлаш билан ёнмаса у ўтинлар,
Чиданглар-а, ҳа, юраги метинлар,
Кўра-кўра ўти сўнар одамнинг.

Аввал кўнглинг армон бўлар, ер бўлар,
Кейин кўнглинг қасос бўлар, шеър бўлар,
Бора-бора гуллигингни ер булар,
Гул юраги тиғга дўнар одамнинг.

Бу дунёда ёқа ушлар ишлар кўп.
1988 йил 12 июль


КЕТИШ ҲАҚИДА

Айни вақтимиди, мен келганим чоғ
Ким қўйиб кетган бу менинг тошимни.
Бугун сочларимга оралаган оқ
Эртага эгаллаб олар бошимни.

Эртага бу эски лошим билан мен
Омочни қийналиб сургандан кўра,
Ва қор босган оппоқ бошим билан мен
Йўлларда тойиниб юргандан кўра,

Эртага бир тенгдош топмай, аланглаб
Инжиқ, у ён-бу ён «кўчир»ламасдан,
Бугун олқишлаган ёшу яланглар
Эртага ортимдан пичирламасдан,

Зангламасдан туриб кумушим, зарим,
Уни зарда билан отмасдан туриб,
Содиқ шогирдларим, бугунгиларим
Эрта бирортаси сотмасдан туриб,

Кўриб кексаликнинг гурзиларини
Тонггача уйқусиз, тўлғониб чиқмай,
Бўшатиб ҳар қандай курсиларини
Ўз вақтида кетмоқ, кетмоқ — кечикмай!

Вақтинг келгунича, майли, донинг тер,
Гуллар билан тўлдир умринг қатини,
Худойим, борсан-ку, ҳар кимсага бер
Ўз вақтида кетмоқ фаросатини.
1990 йил 26 март


БОР АРМОНИМ

Ў, дунё-я, ўзбекнинг не сор боласи,
Кўкрагида ёнар ўти бор боласи,
Шу ўт сабаб аввал-охир хор боласи
Магаданнинг тупроғида ухлаб ётар.

Одамизод бир-бирини ўнгласинлар,
Ўнгламаса, ўзлари ҳам ўнгмасинлар.
Ўзга ерда ризқ тергани майли-ку-я,
Ўзгаларнинг тупроғига кўммасинлар.

Ўз элига сиғмаган қувғин болалар,
Қасоси бўғзида кеттан хун болалар,
Ёлғонларга емиш бўлган чин болалар
Магаданнинг тупроғида илдиз отар.

Мушкул кўриб кетмоғин бу эл доғини,
Санчиқ олар кўкрагимнинг чапроғини,
Боз ўйлайман, отилажак бу вулқонлар
Қўпормасми Магаданнинг тупроғини.

Йўқлов келар, томоқларим қуриб кетар,
Юракларим отилгудай уриб кетар.
Йўқламайман... гар йўқласам, йигит ўлган
У болалар жой-жойидан туриб кетар.

Уйланмаган, шўх болалар туриб кетар,
Кўкрагида ўқ, болалар туриб кетар,
Ишонган дўст, акалари тутиб берган
Бир паноҳи йўқ болалар туриб кетар!

Қути қочган, ўри, қири ёлғиз элим,
Ожизи-ю баҳодири ёлғиз элим,
Ҳар бирида ўзининг жон талвасаси,
Ўзича бек, лек ҳар бири ёлғиз элим.

Куймайманми, ўнгмаганинг кўриб ўлсам,
Бир-бирингни бир-бирингдан қўриб ўлсам,
Ўтарканман бу дунёдан, бор армоним —
Бир-бирингни ўнглаганинг кўриб ўлсам.
1987 йил 27 май


ЁМОН БИР ЎЙ

Уни бугун тепкилашди,
Обдон тепишди.
Бир, икки, уч... бешов бўлиб,
Олтовлон бўлиб.

Хушдан кетди, сув сепишди,
Тағин тепишди
Навбат билан, гоҳ бенавбат,
Оломон бўлиб.

У яшин урган ниҳолдай
Гоҳ қад тиклар тик.
Гоҳ йиқилар, маст қийқириқ,
Минги кулади.

Машъум жарнинг қирғоғига
Тирмашган шўрлик
Сўнгги тепки зарби билан
Жарга қулади.

Кузатаман... лабларимда
Аччиқ шўру, талх
Ёмон бир ўй ўта бошлар
Кўнглимдан сизиб...

Бир ожизин мингта зўри
Тепкилаган халқ
Халқ бўлмагай,
Ер юзида қолмаган изи...
1990 йил 26 март


ОМОН БЎЛИНГ

Бу дунёнинг бори йўлдир,
Бу йўлларда тузоқ мўлдир,
Йўл бошида сўзим шулдир,
Омон бўлинг, омон бўлинг.

Кўзингизга тортса ҳам мил,
Кўпригингиз бўлса ҳам қил,
Номард билан топишманг тил,
Сарсон бўлинг, сарсон бўлинг.

Нопок кетса ердаги жанг,
Майли, бўлсин ҳолингиз танг,
Ҳеч бозоргир бўла кўрманг,
Арзон бўлинг, арзон бўлинг.

Ҳар дарзни тез ёпмоқ учун,
Тўрт ён илдам чопмоқ учун,
Ҳар шоҳга йўл топмоқ учун,
Беюз бўлинг, бежон бўлинг.

Ҳар бир овга қош-кўз бўлиб,
Ғолиб ёвга Сиз ўз бўлиб,
Тана бўлса, Сиз пўст бўлиб,
Фақат енгган томон бўлинг.

Менам одам, эмас Хизр,
Ҳар ким ўз билганин тузур,
Шеърим тегиб кетса, узр,
Омон бўлинг, омон бўлинг.
1988 йил 26 май


ЙИҒИ

Ўзига тўқ, кўркам, хушбичим, оқ дўст,
Йиғлайман, Сизгамас, кўкси бедоғ дўст,
Пок, нопокни бирдай суёвчи тоғ дўст,
Йиғим сўлаётган болалар учун.

Олма сабоғидай ингичка бўйин,
Гоҳ етиб, гоҳ етмай, кўрмадик тўйин.
Ўлмасайди... буюк бўларди тайин,
Йиғим ўлаётган болалар учун.

Ичиб, учиб ётган боболари деб,
Тўзғиб, кўчиб ётган боболари деб,
Бир-бирини сотган боболари деб
Тўлов тўлаётган болалар учун.

Ёраб, тиш ботирмай бўлмасми юриб,
Одамлар-ку эмас, қашқир уюри,
Бирининг зулмидан бириси қуриб,
Қақшаб кетаётган болалар учун.

Ишонч йўқ иймону, ҳаж, додларига,
Жаҳолат муҳр урган каж ёдларига,
Бир-бирин қирганда, аждодларига
Ўхшаб кетаётган болалар учун.
1988 йил 27 март


МЕНИНГ КАБИ...

Борарга бор, қайтар жойдан қайтавер Сен,
Мендек ёзда йўлингда муз тўнган эмас.

Ҳаммага ёқ, шодон қўшиқ айтавер Сен,
Йўлларингда ҳали тикан унган эмас.

Бир бошингда минг хаёл йўқ, термоқ учун
Кўнглинг минг бир бўлак бўлиб синган эмас.

Тушингда жон дўстинг билан дийдорлашиб
Ўнг. Саҳарлаб ғаниминг кўринган эмас.

Ҳаёт тўфонлари силаб-сийпар сени,
Менинг каби отларинг суринган эмас.

Тағин, тағин... Сени обдон отмаганлар,
Руҳинг зада, минг тошга уринган эмас.

Жароҳатлар битиб кетар, аммо бугун
Қони чак-чак томиб турар, тинган эмас.

Борарга бор,
Қайтар жойдан қайтавер Сен.
1988 йил 24 апрель


ГАРЧАНД ҚУШ ЭМАССАН...

Гарчанд қуш эмассан, ё эмассан хас,
Учавер, Сенга ҳам ўйлаш шарт эмас.
Нима бу ноаён чуғур-чуғур сас
«Девонул-луғатит турк» бўлса бўлар.

Муҳими, ҳар лаҳза яйрасин танлар,
Бор бўлсин тошни ҳам ёраётганлар,
Тоғу тошдан кетиб бораётганлар,
Ковул-каврак бўлса, зирк бўлса бўлар.

Муҳими, шу бугун қувончларда бот,
Бош кўйиб бойликнинг оёғида ёт,
Суравер, йиқилса йиқилар бу от,
Эртанги йўлларинг берк бўлса бўлар.

Эрга тег, майли, бўш бошга эрга тег,
Не фарқ бор, кекса ё ёшга эрга тег,
Муҳими жавоҳир — тошга эрга тег,
Сендан йиғлаб кетган эрк бўлса бўлар.

Ҳаллослаган умид, югурган тамаъ,
Фойда қай томонда, олгин-да чама,
Шул тарафга сузгин, сузгин, тўҳтама,
Умр шул дарёда ғарқ бўлса бўлар.
1988 йил 23 апрель


ҲИНДИКУШДАН НОЛА КЕЛДИ

Нақддан келсанг «отам» демоқ азмойишли
«Онам», демоқ ярашиқли, намойишли,
Ҳайҳот, бандам деганини бўзлатмасин,
Таёқ тираб «болам» демоқ мушкул ишдйр.
Асрим, унинг қон кўйлагин бошга ўра,
Аёлдан шу ўғлон учун узр сўра.

Ай дунё-я, Сен шундайин кўҳна бозор,
Нарх-навосин тайини йўқ, тайин ғам бор,
Тағин, тағин Сен аёлни қақшатдинг зор,
Ҳиндикушдан олов келди, жола келди,
У келмади, кўкка ўрлаб нола келди.

Бу эдда-ку садр тепмас эркак зоти,
Куйганда бор-будинг ёрти, удум ёрти,
Фармон бобо ўкирганча уввос тортиб,
Садр тушса, тутмоқ учун етар куч йўқ,
Дунё Сенда қон бор, шон бор, шафқат ҳеч йўқ.

У келмади, ҳижрон минг сас, минг тус келди,
Гуноҳкордай жовдир-жовдир юлдуз келди,
Аммо юлдуз юддуз экан, олтин, олмос,
Боланг бўлиб кўкрагингга отилолмас.

Асрим, асрим, юкинг ҳали оғир-оғир,
Уруш — хато юкдир, ундан елканг яғир,
Шу юк босиб қолди неча аёл сағир,
Елка тутмоқ учун юкка туққанмиди,
Хатоларга қурбонликка туққанмиди?!

Ўн саккиз ёш, нима асли, эсни қувар,
Авжи чоғи бахтни қувар, қизни қувар,
Қони билан катталарнинг айбин ювар,
Ювар, доғинг кетар кунлар борми, афғон,
Яраларинг битар кунлар борми, афғон?!

Ҳиндикушдан жола келди, нола келди.
1988 йил 24 апрель


БИР ЎРИМ СОЧ ТАРИХИ

Асли қайирмалик Сайрам бахшининг айтувлари кўп. Аммо уни айттириш — ўлимдан қийин. Бир ўзи кўнгли кетиб, урчуқ йигиб ўтиргандами, ёки белини сириб боғлаб от устида ўтиргандай ўрмак устида ўтириб, хаёл суриб, патнинг турини чалаётгандами ғинғиллаб бошлаб қолади. Бу ана шундай пайтларда эшитганларимдан:

Ё фалак, бошимга солдинг не кунлар,
Кўзимнинг ёшини тиндирмадинг-а.
Умримга тошлардан тушди тугунлар,
Бирини ечмадинг, синдирмадинг-а!

Энг кетмас деганим дастлаб кетди-ей,
Энг ишонган тоғим пастлаб кетди-ей.
Букри ёвим қаддин ростлаб кетди-ей,
Кўрдим, хароб бўлдим, Сен кўрмадинг-а!

Етимлик кўйлагин кийдирди Онам,
Увуз этимдаёқ куйдирди Онам,
Ўз тенгига никоҳ қийдирди Отам,
Шўрим эй, отамга тенгқурмидим-а!

Ўн бешимда бир тун қоп-қора булут
Мени поймол қилди, мен қолмадим бут,
Никоҳ тўшагимга нечун қўйиб ўт,
Нечун элни бузиб чинқирмадим-а?

Шу тун тун ярмими, тонгдами қочдим,
Ўчди кўнгил шами, бахт шами, қочдим.
Илк куёв-келинлик оқшоми қочдим,
Эл юрган йўллардан мен юрмадим-а!

Эрим алдаб кўрди, сочиб кўрди зар,
Мен-чи қочавердим кундан-кун баттар,
«Қўрқитиб, жонини олинг» дебдилар,
Ёраб, осонликча жон бермадим-а!

Бир кун шундай қочиб чорбоғда ётсам,
Захга кўксим бериб инграганим дам
Эрим сезиб, судраб келтирди, Эгам —
Не учун олдинроқ ўлдирмадинг-а!

Эшилган қамчини қайталаб эшиб,
Эрим ураверди, баданим тешиб,
Итникидан қаттиқ одамнинг тўши
Дейдилар-у, буни мен кўрмадим-а!

Билагига ўраб қирқ ўрим сочим
Урарди! Қочмоққа йўкдир иложим.
Ўляпман, оғзимни каппалаб очиб,
Ўляпман, умримда кун кўрмадим-а!

Йўқ, қайдан куч келди, ўнгланиб олдим,
Бошим бир жаз этди, қочдим, йўқолдим,
Битта ўрим сочим қўлида қолди,.
Йўқса бу кун «Сеи кўр, мен кўр»-мидим-а!

Кетдим, ўрталикда йиллар қариди,
Сарғайди, напармон гуллар қариди, —
Аммо деёлмадим ғамим ариди,
Тақдир-ай, бир ўйнаб кулдирмадинг-а!

Кеча шом аралаш кимдир чақирди,
Чиқдим, бўйдор жувон уйимга кирди.
— Буни Отам тунда сизга деб берди,
Кейин... «Шўрлик отам!!! Кун кўрмадинг-а!»

«Бу қиёмат қарз» деб узатгани он
Гуноҳимдан ўт, — деб берди, қўйди жон!
Қарасам... бир ўрим сочим, теккан қон —
Эл тинди, ел тинди, мен тинмадим-а!

Боврим, боя айтганимдай бу — Сайрам бахшининг урчуқ йигириб ўтириб, айтган «Бир ўрим соч тарихи»нинг айтуви. Кўкайим куйиб, кўз ёшларимни зўрға тийиб, «Холажон», дейман. «Жон, болам», дейди. «Бошқа айтувларингиздан айтинг», дейман. «О, улар менинг нолам-ку. Нола эшитишга тоқатларинг йўқдир-ов, болам», дейди. «Айтақолинг» дейман. «Ундай бўлса, — дейди Сайрам бахши, — ўрмакнинг эриш-арқовларини* йиғиштириб, мен бир ғажарининг** ипини йигириб қўювдим. Ҳозир шуни қурамиз. Сен эришини югурасан, мен ўрмакнинг кузувини*** боғлаб ўтириб бу қаттиқ бошимдан ўтган-кетган айтувларимдан бирди-ярмини айтсам айтақолай», дейди-да, навбатдаги айтувини бошлайди...
1989 йил 2 январь


ЁЗДА

Ёзда кўп ишларга мумкин улгурмоқ,
Умрингга вақтида кириб келса Ёз.
Ёз — бу тўлин ойдек ётоққа кирмоқ,
Кўкрак кериб юрмоқ — худди оппоқ ғоз.

Ишқ — ақлдан озар ёз тунларида,
Тепангда юлдуз ҳам тик сузиб кетар.
Аёл сочларининг тўлқинларида
Кўмилган эркакни оқизиб кетар.

Ёзда тез тил топар юрак юракка,
Ёз жон билан севса, унга фидо бўл.
Оҳинг етган бўлса, юксал юксакка,
Кунинг битган бўлса ёз қўлида ўл.

Ёз бу туйғуларда кечмоқ фаслидир
Шерик қилиб етук, самовий унни.
Хдм тугунни албат ечмоқ фаслидир,
Кўкламда ечилмай қолган тугунни.

Умримизда ёздир. Қайдасан, мардим,
Сенга чопгум, ишқнинг йўллари билан.
Қўрқаман, не ечиб, нени ёзарди
Куз ўзин қалтироқ қўллари билан.
Ёзда кўп ишларга улгурмоқ мумкин...
1984 йил 2 ноябрь


КЎЗ

Балли, кўзларимдан дардимни уқдинг,
Аммо, кўзларимга келмагил кириб.
Дардимни қўймоққа бошқа жой йўқдир,
Кўзимга қўяман яшириб.

Бунча синчков бўлма, бунча топонғич,
Кўзим дарёсига шўнғимагил, жим.
Ахир бу дунёда энг бехавф ва тинч
Дард яширар жойим — менинг шу кўзим.
1984 йил 2 ноябрь


ШУНДАЙ УЙ БОР...

Шундай уй бор, деворлари метиндан метин,
Кўрар фақат муҳаббатнинг ўтли ёзини.
Ётоғида жуда қисқа туюлади тун,
Деворида бахт пичири қолар ёзилиб.

Шундай уй бор, одамдайин бош эгтан қуйи,
Устунлари кетгудайин салдан чўрт синиб.
Ётоғида тун ўтмоғи ажалдан қийин,
Деворида хўрсиниқлар қолар хўрсиниб...
1984 йил 2 ноябрь


ИШОНЧ ДАРВОЗАСИДА

Ишонч қўрғонини қуриб кетганлар,
Бу қўрғонда яйраб, юриб кетганлар.
Кимга зах кўриниб қўрғон ичи гоҳ
Чиқиб ўнг ё чапга уриб кетганлар.

Уриб кетолмадим ёлғизгина мен,
Ишончингдан чиқдим. Қўрғон ёпилди.
Дарвозага боқиб ҳолсизгина мен
Ўлтирибман, оёқларим чопилди.

Ҳаёт давом этар кулиб гулгун, шўх,
Бахтлар чорлайверар, имлайверар шон.
Бироқ, кетмоқликка менда оёқ йўқ,
Бир кун дарвозада беражакман жон.
1985 йил 16 май


СИЗСИЗ

Қўш ҚУВОНЧ кирмаса яшар ёлғиз ҒАМ:
шундан Сиз йўқ маҳал уй уймас, хато.
У ҒОР, мен тушаман эшик очган дам,
Кейин чиқолмайман Сиз келгунча то.

Хоналарга Сизсиз маъюс кираман,
Сизсиз тувакдаги гул ҳам қарибди.
Эшик тақиллайди, мен югураман,
Минг йил ҒОР азобин чеккан ғарибдай.
1985 йил 16 май


КИРИБ БОРМОҚ

Чуқур кириб борманг ўйларингизга,
Ундан қайтиб чикмоқ қиййндир ахир.
Ҳар ишда, мана шу маслаҳат Сизга,
Чуқур кириб бормоқ — меваси тахир.

Айниқса юракнинг йўлаклари тор,
Йўлнинг ярмига ҳам бормасдан қайтинг.
Кейин хонангизнинг тўрт ёғи девор,
Уй, юрагингизда сақлангиз тартиб.

Бу йўл-йўриқ Сизга, мен сизни енгдим,
Ўзимга бу сўзни айтолмайман мен.
Шеърга чуқур кирдим, уйқу йўқ энди,
Тонгтача бу йўлдан қайтолмайман мен.
1985 йил 16 май


* * *

Кузнинг ёноқлари намли туюлар,
Қўрғошиндай оғир куз сўроқлари.
Юракка нимадир ҳазин қуюлар
Ва кўра бошлайсан аниқ доғларни...

Авж гуллаган кўклам, саратонли ёз,
Кечагина эди пойимда бари.
Шу — дириллаб турган сариқ япроқ рост,
Тушдай ўтиб кетди олдингилари.

Афсусларни узоқ ўтирибгчекмай,
Шошиб қўзғаламан, тўзғиган тўзим.
Энди унга дардим айтай кечикмай,
Кетиб қолмай япроқ ва ё мен ўзим.

Кузнинг ёноқлари намли туюлар...
1985 йил 16 май


* * *

Бу эркак аёлнинг осмони эди,
Ери эди унинг чопқиллаб юрган.
Кўз очиб кўрган илк жаҳони эди,
Таоми эди у илк бор қўл урган.

Уруш ялмоғиздай солиб келиб чанг
Осмонини ютди, ерини ютди.
Нима олса шу аёлдан олди жанг,
Унинг илк таоми — эрини ютди.

Сўнг аёл таомдан бош тортди, толиб,
Силкиниб, ярқираб тарамади соч.
Ўша-ўша аёл муаллақ қолиб,
Осмон-ердан айру яшаётир оч.

Бу эркак аёлнинг осмони эди.
1985 йил 16 май


* * *

Ёнаётган бу ўт бўлмас сира кул,
На қор, на бўронда сўлмайдир 6у гул.
Йўкдир 6у ҳаётда бирор-бир мушкул,
Сен менинг қўлимдан тутганда, жоним.

Юрак дарз кетмайди, девор қуламас,
Бахт жоми лиммо-лим, тўлуғ, силамас.
Кимки кетган бўлса ортга қайтар, бас,
Мен сени нигорон кутганда, жоним.

Ҳаёт абадий деб гуллар тераман,
Қучасан, ўзим ҳам гуллайвераман,
Бу не чанқоқлиқдир, чўллайвераман,
Сен менга ишқ жомин тутганда, жоним.

Барига, барига тикилиб синчил,
Мен дейман, бир куни қолсак биз тинчиб,
Эҳтимол, бу ҳаёт бўлар ўткинчи,
Иккимиз дунёдан ўтганда, жоним.
1987 йил 8 октябрь


СЕВИНЧ КЎЧГАН УЙ

Кўчиб кетди кўнглингдан севинч,
Сен кузатиб қолдинг шамингни.
Бундан буёқ яшайдирсан тинч
Илинмасдан шавқу ғамингни.

Силамагай сочингни шамол,
Тун шивири тўхтагай таққа.
Ишқ — бошидан сирғалиб рўмол —
Бир-бир босиб кирмас ётоққа.

Кўзларингдан армонлар томур —
Очилмайдир гарчанд бу парда.
Фақат, қандоқ ўтаркан умр
Севинч кўчиб кетган уйларда?!
1987 йил 8 октябрь


ЎРТАДАГИ ДАРЁ

Тушун, ахир, кўзингдаги нур
Айтар сендан кетолмасимни.
Ўртадаги бу дарё — чуқур,
Айтар менинг ўтолмасимни.

Бир кун чалғиб, Сени этсам тарк,
Қолар бўлсанг ёлғиз, ғам чекиб,
Ўртадаги дарё қилар ғарқ, —
Жасадим ҳам бўлар сеники.
1987 йил 8 октябрь


ТАВБА-ТАЗАРРУ ВАҚТИ

Бузилган адирда лола бир ҳол-ей,
Бузилган тақдирда бола бир ҳол-ей,
Икковни боғлолмай тола бир ҳол-ей,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

Орол, тўлқинларинг қочдилар қайга?
Оҳулар қочди қай ёнган тўқайга?
Одам, болаларинг учди мўмайга,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

«Икковмиз», — дейсан, ул ягона чиқар,
Дўст деб эгиласан, бегона чиқар,
Маъно, — деб ушлайсан, бемаъно чиқар,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

«Қариялар уйи» уйдир, хонадир.
Уймас, маҳзун ота, мунглиғ онадир,
Фарзандин эслатсанг, ночор, тонадир,
Тавба-тазаррута вақт етди бугун!

Ўз уйида зардоб ичгувчи қушлар,
«Болалар уйи»га учгувчи қушлар,
Ва гоҳ бу дунёдан кечгувчи қушлар,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

Сўзимни ҳар томон бурмагил тағин,
Ўзимга қаратдим дарднинг бор тиғин,
Оҳ, кимга сиғинсанг, дўст, шунга сиғин,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

Тавба қил, ёвлашган эллар оралаб,
Бевақт тўкилган қон, селлар оралаб,
Мақсадин йўқотган диллар оралаб,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

Бугун отанг бу ҳол, давлатманд одам,
Эрта балки боланг берар панд, одам,
Кўз оч, ўзи билан ғоят банд одам,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!

Тик туриб, армонни ичиб қайтадан,
Ўт олиб ҳар томир, ичинг қайтадан,
Ҳаммасин бошламоқ учун қайтадан
Тавба-тазарруга вақт етди бугун!
1987 йил 2 декабрь


ИШОНЧ

Кўкаради босилган не бўлса ҳаётда,
Босилган қир кўкармаса,
Сен кўкармасдинг.
Ҳеч нарса кўрмаган каби
Юрибсан отдай,
Неча марта оёқости қилинган дўстим.
Улар сени енголмайди,
Босиб боравер,
Нари борса, тузоқ ташлар.
Ҳар муюлишда,
Нари борса, кўз ёшингдан
Кўклаб кетар ер.
Нари борса
Юрагингни чиқарар ишдан.
Бирор айбинг йўқлигини билмайди улар.
Гарчанд қайта босилмоқдан
Чарчаган йўлсан.
Киприкларинг ўқлигини
Билмайди улар,
Киприкларинг хавфли бўлар
Агар йиқилсанг.
Нари борса, нари борса...
Бу тилсиз тупроқ,
Уларни ҳам ер устида
Кўтармай қўяр.
Киприкларинг ўсаверар.
Куч олиб, бироқ
Киприкларингдан ўзгаси
Кўкармай қўяр.
Тасаввур қил,
Ерга қадам қўйиб бўлмайди,
Ерда эплаб юрмаганни
Имламайди кўк.
Бировларни, йўқ, эзғилаб,
Тўйиб бўлмайди
Товонингдан юрак сари
Ўрлайверса ўқ.
Мана шундай,
Киприкларинг ғаним учун
Тиғи дарз экан,
Босилган қир кўкармоғи,
Демак, фарз экан,
Кўкаради босилган не
Бўлса ҳаётда...
1988 йил 2 май


* * *

Ўт кетса, ўт оҳлар Сен айтганда шеър,
Йиғласа гуноҳлар Сенга айтганда шеър,
Заминда гуноҳкор гувоҳ ҳали кўп,
Йиқилса гувоҳлар Сен айтганда шеър.
1988 йил 2 май


СОТИБ ОЛИНГАН ТАҲЛИКА

Не учун хижолат тортар бу аёл,
Куч-қудратин сўрган ери олдида,
Ўзи семиртирган эри олдида,
Нечун эгилади, ориқ қадди дол.

Гулдай умри ўтди сув билан ўтда,
Чин мор элаклаган чимзор эди ер.
Сарғайган чимзордай бемор эди эр,
Улар соғайгунча ишлади итдай.

Ишин қилди сўнгсиз меҳнату азоб,
Гарчанд аста-секин ерга ранг кирди.
Минг йил ётган хаста эрга ранг кирди,
Булар соғайди-ю у ташлади тоб.

Энди у ҳар тонгни, тўкиб кўз ёшлар,
Ерга қараб кўм-кўк ердан хижолат,
Эрга қараб бардам эрдан хижолат,
«Умрингиз мени деб ўтди»дан бошлар.

Сариқ тўзғин гулин яшириб сўзлар,
Ерининг қип-қизил гули таҳлика.
Эрининг бақувват қўли таҳлика,
Чўпдай озғин қўлин яшириб сўзлар.

Не учун хижолат тортар бу аёл...
1988 йил 29 апрель


ДАРЁГА

Далли дарё, оққанинг айт,
Тинганингдан сўзлама.
Йўлинг тўсиб чиқса тўғон,
Тўзитиб от, «сиз»лама.

Дардинг бўлса гулдурос сол,
Шахдинг кетиб бўзлама.
Ёвга ёвдай бостириб оқ.
Юввош тортиб «тиз»лама.

Сувинг ёнар ўтдай бўлсин,
Тинма, мангу музлама.
Фақат юзинг битта бўлсин,
Бўлма иккиюзлама.
1988 йил 29 апрель


* * *

Қандай бўлсанг бўл, лекин
Кексайганда ёш бўлма.
Хазон фасли тентираб,
Гуллаб қолган бош бўлма.

Энг муҳими, тош қилиб,
Биров Сени отмасин.
Қарғиш теккан, саргардон
Ўртадаги тош бўлма.
1988 йил 2 май


УЛУҒБЕККА АЙТАР СЎЗИМ

Жоним ўғлим, қанотсизга сен қанот бўл,
Ўзга ўз бўл, эгилмагин, ётга ёт бўл.
Ерга қара, босиб кетма, эҳтиёт бўл,
Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.

Майли, болам, қайда гул оч, қайда кўкар,
Боёвутда бир гўша бор, чекка, чўкар,
Дарахтлари олмаларин йўлга тўкар,
Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.

Қутлуғ болам, бугун бахт-ла топишганинг,
Аммо кеча. Сумалакка тош тушгани,
Энажонга «олиб бер» деб ёпишганинг,
Қўлингдаги хотирани ўлдирмагил.

Дерди «худо, шу гўдакка толе бергин»,
Сен эркинсан, ул ерларда тағин эркин.
Мен борми — йўқ, бор, жон болам, боравергин,
Дилингдаги хотирани ўлдирмагил.

Сени бердим катта элга, катта юртга,
Меҳринг билан кўнгли илҳақ, кўзи тўртга.
«Энажон», — деб бош ур, болам, Боёвутга,
Тилингдаги хотирани ўлдирмагил.
1989 йил 2 апрель


* * *

Онанг қариёлмас, кариёлмас отанг,
Имкон ярат, қарисин улар.
Сен йўл қўйган ҳар битта хато
Зардобдай уларнинг кўксига тўлар.

Токи Сен қоқилиб йиқилаверасан
Ҳар бир тош, ҳар харсанг, ҳар бир қояга,
Қаримоққа ҳаққи йўқ уларнинг,
Етиб келмоқлари шарт ҳимояга.

Дўл урар... ёмғирлар чўқир, бўлиб тош,
Улар билан қатъий қилолмасанг жанг,
Чопкиллайверади отанг шўрлик ёш,
Бўзчининг мокиси бўлади онанг.
1987 йил 14 май


АГАР КЎПРИК БЎЛСАНГ...

Кўприк бўлсанг, менга шу бўлар нафинг,
Нариги одамга ўтиб олайин.
Кузат, мендан олдин ўтмасин гапим,
Унга аввал ўзим етиб олайин.
Айтган-у айтмаган гапларим «гуллаб»,
Кўпайиб, у ёққа ўтиб турмасин —
То мен ўтганимда ДЎСТМАС, талай гап
Тиқилган ҚОП мени кутиб турмасин.
1984 йил 1 декабрь


ХОТИРА САНДИҒИДАН ЙЎҚОЛАЁТГАН СЎЗЛАР

Бу сандиқ тинч сақлайди
Жавоҳиру тиллони.
Пулга чақиб тахлайди
Бозоргир куй, яллони.

Мўл ҳосилин далани
Ҳисоблашдан безмайди.
Фақат Сўзни — болани
Кетганини сезмайди.

Қопқоқлари зич, ёпиқ,
Минг сир ётар бу тоғда.
Фақат бундан йўл топиб
Сўзлар чиқиб кетмоқда.
1988 йил 14 апрель


ТАСАЛЛИ

Ҳар кимнинг ўз қуёши, ўз уфқи бор, ҳойнаҳой.
Муҳаммад Иқбол.

Қўрқма мендан, бул қадар қўрқишинг бекор, ғаним,
Ўраш, сўрашларимиз, шеъримиз бўлак-бўлак.

Ахир сенинг далангга йўқ-ку назар солганим,
Дон сочиб ундиргувчи еримиз бўлак-бўлак.

Барака топ, меҳмонинг қайга ўтқазсанг ўтқаз,
Пойгакларимиз бошқа тўримиз бўлак-бўлак.

Ўйлаб юрган ўйингни қоровуллаб чарчама,
Замон фикр сўраса, деримиз бўлак-бўлак.

Минг дардимнинг биридан хабаринг йўқ-ку ахир,
Ювмоққа етар манглай шўримиз бўлак-бўлак.

Гапимнинг индаллоси — бир вақтда ўлмагаймиз,
Хотиржам бўл, бўлгуси гўримиз бўлак-бўлак.
1985 йил 21 май


КЕТМА

Замонлар аёлин доди бу садо:
«Жонгинам, мен сенга не қила қолдим».
Марина Цветаева.

Севмоқ, севилмоқлик бахтми ё оғу,
Оғу, бахт аралаш сўзимдан кетма!
Аёлнинг минг йиллик нидосидир бу:
«Келавер, келавер изимдан, кетма!»

Кетсанг ўзлар хомуш, базм айлагай ёт,
Қадимий сукутда чинқиргайдир ёд,
Харсанглар тил битиб, дод айлагай, дод,
Мендаги бу тоқат — тўзимдан кетма!

Уни шон кутарми, ё кутарми қон,
Эсламайдир ҳуркак, титроқдаги — жон,
Кетсанг мендан ўсиб кетмоғи аён,
Ҳатто келмаганлар тизимдан, кетма!

Паноҳсизни ҳар ён тортқилар шамол,
Қай биров бахт излаб мени кўрса, лол,
Ўз жаннатин менда қилмасин хаёл,
Менинг сирли, ўйчан кўзимдан кетма!

Шиддатин йўқотган дарё — тинар куз,
Япроқдай сарғайиб жим хўрсинар куз,
Алвидога кўнар, ғамга кўнар куз,
Менинг рангпар, сўлғин юзимдан кетма!

Бироқ, мен қўнмасман бахтми бу оғу,
Наҳот қуримоққа маҳкум ишқ боғи,
Сенингман, сенингман, не бўлса ҳам у,
Ўзимман, Сен менинг ўзимдан кетма!
1985 йил 21 май


ЧЎЛПОН

Мен мозий тарафга қатнадим йиллаб,
Шу яқинда яқин, йироқ кўринди.
Ғира-шира ичра сокин, милтиллаб
Пилиги паст ёнган чироқ кўринди.

Ёққанлар бор бўлсин, туриб собит, мард,
Мушкул, эллик йиллик шамолни бурмоқ.
Энди уни бирга иҳоталаш шарт,
Бирга пилигини кўтариб турмоқ.

Йўқса ўчиради бир ноқис эпкин —
Тағин зулмат, неча замон, йилликдир.
Оламда бор экан адовату кин,
Виждон, асл касбинг — қоровулликдир.
1986 йил 14 май


ХОЛИС НИЯТ

Сотқин қадамлардан топталди боғим,
Бўлдинг кўкрагимнинг ҳеч кетмас доғи.
Ёраб, эртакларда бўлар эди-ку,
Қандоқ бир юмалаб Сен бўлдинг ёғий.

Мен десам тишимда тишлаб юрибман,
Бағримда илонни ушлаб юрибман,
Иншооллоҳ,
Кимни ҳимоялаб, суйиб ёпгайсан.
Сен ҳам мендек ундан илон топгайсан,
Бошқа ниятим йўқ.
1988 йил 17 апрель


КЕНГЛИК СЎРА

Ўзгаришлар шамолидан ҳаёт синчи,
Сал ғичирлаб тургандайин, кетар тинчиб.
Бунинг учун, энг аввало, энг биринчи,
Сен одамдан одам учун кенглик сўра.

Гарчанд букун кўкламимдан кузим яқин,
Олар бўлсанг, сўзим яқин, тузим яқин,
Четлаб дема «ўғлим яқин, қизим яқин»,
Сен одамдан одам учун кенглик сўра.

Кенглик бўлса пистирмадан тош отмаймиз,
Чўлпонларни тирноғидан топиб кир, из,
Эллик йиллаб ухлатиб, сўнг уйғотмаймиз,
Сен одамдан одам учун кенглик сўра.

Кенглик бўлса, топганимиз кам туюлмас,
«Ол, олиб қол, дам — мана шу дам» туюлмас.
Ғам босганни бу куни ҳам кам туюлмас,
Сен одамдан одам учун кенглик сўра.

Боғида гул, тоғидаги буғу учун,
Бошидаги Хумо қуши, туғи учун,
Бир-бирини еб битирмаслиги учун
Сен одамдан одам учун кенглик сўра.
1986 йил 14 май


СИЗНИНГ ЎРНИНГИЗ...

Кўп бўлди, бўғзимни бир сиртмоқ бўғади,
Татимас чопганим, топганим, шонларим.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Кўнгилга дунёнинг бор дарди сиғади,
Елкадан босади ташвишли тонглари.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажбнларим?!

Жонингиз ғўзага жонини сўғади
Эркаклар далага чап берган онлари.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Отарлар, ўқлари юракка тегади,
Сизни ҳам четламас ҳаётнинг жанглари.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Сизсиз-ку трактор кимгадир тегади,
Кимгадир комбайн; даланинг донлари.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Орқада сочлармас, манглай тер жилғадир,
Ҳорғиним, ипақдай қош-кўзи чангларим.
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Кун келар, демаслар «Сизга гап тегади —
Қазилмай қопти бу дунёнинг конлари!»
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!

Дегайлар «Ботирсиз элни ёв эгади,
Қаерда бу элнинг қасоскор қонлари?!»
Сизнинг ўрнингизга ким бола туғади,
Ким гўдак ўстирар, дугонажонларим?!
1987 йил 29 апрель


ИЛТИЖО

Устоз Ойбекка

Заҳмини чекдинг бор кўҳна жаҳонни,
Раҳмини еб башар, озурда жонни.
Лек сўнги бўларкан ҳар бир туғённи,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Айтдинг Гулнор ўлди, жувонмарг чечак,
Замон босди Йўлчи кўкрагига ях.
«Қутлуғ қон»лар оқди қулатиб тож-тахт.
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Созингда Навоий не дардлар айтди,
Қайтди у, халқи-ю ижодга қайтди.
Бул кун биз кўряпмиз Сен қайтган пайтни,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Кўп айтдинг, хўп айтдинг, кўксингда бироқ,
Аминмен, қолгандир момақалдироқ,
Яшинлар қолгандир қилгудайин чок,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Не бу, ишқ лол зтган сархуш онингми,
Сукут — ҳеч кимда йўқ сир, имконингми,
Ё сўзга сиғмаган катта жонингми,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо!

Ё бийрон кўриндинг бировга жуда,
Асабингни ўйнаб ҳуда-беҳуда,
Балки шундан тилдан этдилар жудо,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо!

Биров бобосидан бойлик сўрайди,
Биров отилмоққа ёйлик сўрайди.
Мени шу илтижо, ўтинч ўрайди,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Чўғ чангаллагандай туришимга боқ,
Сен-ку, юксак тоғсан, чиқиб бўлмас тоғ.
Берсанг, сўзинг мени қўярмикан соғ,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо!

Авлодлар келади авлод кетидан,
Шоир-ку усиз ҳам бир фидо руҳ, тан.
Куйсам куйиб кетай шу Сўз ўтидан,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо!

Дунёни терандан теран Сен туйдинг,
Айт, қай оловларда бул қадар куйдинг.
Кун келди, айтмоқдан тилинпш тийдинг,
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.

Менга алам қилар, аллақачон гунг,
Бўлмоқ шарт бўлганлар иши келиб ўнг.
Бериб юрибди-ку тўтидай гурунг.
Айтмаган сўзингни менга бер, бобо.
1984 йил 18 июнь


ЁЛҒИЗ ЎҒИЛ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Сен чақиргин, чақир вақт топганинг дам,
Оралиқда овоз юриши керак.
Йироқ қишлоқдаги мушфиқ онанг ҳам
Уйга кириб-чиқиб туриши керак.
Чақириб бўлса ҳам айбларингни юв,
То уйга бутунлай кетмасин кириб,
Тувакдаги гул ҳам тўкилади дув
Турмасанг сув қуйиб, эслаб, чақириб —
Сукутдан суяги симиллаб оғрир,
Қийнайди ёлғизлик бўлиб тун келиб,
Сезгир қулоқлари кундан-кун оғир,
Эшитмай қолиши қийин, кун келиб.
Имиллаб «шукур, ҳар тирик дамга», — деб
Баъзан кунчувоққа чиқиб ўлтирар,
Эрмак деб, шаҳарлик неварамга деб
Алвон кўйлакчалар тикиб ўлтирар.
— Тўғри-да, меники ярашмас, қўпол, —
Дейди-ю, барибир кетади куйиб.
Нимага шу ўғли бўлмади чўпон,
Боласи юрарди тикканин кийиб.
Келин таҳоратга сув иситарди,
Уқаларди оғриқ оёқларини —
Таяниб, умридан рози ўтарди —
Ўғлининг чўпонлик таёқларини...
Бирдан тикишини йиғади беун
Эслаб бир вақт шундай тикканларини —
Келин кўйлакчасин ёқтирмаган кун
Кўнглининг азият чекканларини —
Йўқлаб келишганди, қайсиям бир йил —
Гўдак «бувижон»лаб отилгани чоқ
Ният қилиб тиккан кўйлакчасин ул
Қизчага кийдириб термулди узоқ.
Қизча чиқди учиб-кўниб атрофга,
Келин ҳайрон бўлди, қовоғин уйди.
Кейнн деди «Ўраб қўйгандай қопга,
Ойи, бунингиз не балони кийди?!»
Ундай деманг, болам, ўзим тикувдим,
Деди дийдалари тўлиб ёшларга.
— Менам магазинга кеча чиқувдим,
Буни берақолинг қариндошларга.
Кампир ўғли томон ташлаб кўз қирин
Уйга кирди, артмай кўз ёш, жолани.
Эр деди: Шу ишинг бир-о-оз, ноўрин —
Сира ўрганмадинг муомалани! —
Шу кунларни эслаб, эснаб, толиқиб,
«Шунга ҳам шукур» деб, тоқатни ташлаб
Онанг яшар, борсанг бугун йўлиқиб,
Бугун қайтажаксан, қолмайди ушлаб,
Сен билмайсан, онанг бежон, бедармон —
Ахир сени бир кун тутиб туролмас.
Билмайсан-ей, Онанг дили қондир, қон —
Бу қон билан балки узоқ юролмас...
Ўз уйингда ейсан, тўйиб ичасан,
Уни сукут, сиртмоқларга топшириб.
Кун келар, сен талх қон ютиб учасан,
Ул чақириб қўйгач сени шошириб.
Сен «бу ўлик меники» деб кирган дам
Биров сенга кимсан демас, сўз қотмас,
«Вой онам»лаб тобут томон юрган дам
Тўсадилар, яқинига йўлатмас.
Кейин аза очар унга еру кўк
Бул шўрликнинг паймонаси тўлган деб.
Ерда чироқ ёққувчиси қолган йўқ,
Ёлғиз ўғли аллақачон ўлган деб!
Бугун чақир, чақиравер уялмай,
Ҳеч бўлмаса овоз юриши учун —
Йироқдаги онанг ўтириб қолмай
Уйга кириб-чиқиб туриши учун.
1988 йил 2 май


БУ ШАХД

Қадрига етмаймиз, бор нақд кетадир,
Кўзи ёшга тўлиб чин бахт кетадир,
Ёраб, одамнинг-ку оёқлари бор,
Ранглари сарғайиб дарахт кетадир.

Ўпиб қол, бу япроқ кузга омонат,
Мунглуғ онажони қизга омонат,
Гадо ҳассаси ҳам бизга омонат,
Сулаймон ўтирган тож-тахт кетадир.

«Дунё меники», — деб санаб юрганлар,
Ўғрини қароқчи бўлиб қирганлар,
Шароб омонат деб ўзин урганлар,
Бошларин чангаллаб, карахт кетадир.

Тилимни боғлама, тилим — жаранггос,
Бугун қўнғироқмен, бир илоҳий соз,
Эрта менга деса шу тилимдан ос,
Эрта балки мендан бу шахд кетадир.
1990 йил 22 август


АЗИЯТ

Ўлмоқликнинг йўллари кўп,
Бугун юрак тош олар.
Жаҳолатнинг қўллари кўп,
Салла десанг бош олар.

Бир юракни нишон олиб,
Сўз отаркан дангаллар.
У мажлисда йиқилади
Кўкрагини чангаллаб.

Халқим, сенга етмайдирми,
Чор атрофдан теккан санг,
Ўз-ўзингни йиқитмоққа
Мунчаям шай турмасанг.

Сен шунча кўп хато қилдинг,
Кўзларингга келмай ним.
Энди Сен деб гўримда ҳам
Тинмас менинг уввосим.
1990 йил 6 май


ТАЛАБ

Сездим... кўнглимда бир қайсар алаф ўсди,
Тирноқлари кўксимни тимдалаб ўсди.
Алафнинг ҳар япроғидан учқун сачраб,
Қиёқ тилли ўт кўксимни ялаб ўсди.
Ғам менгамас, мен ғамларга дорман дебман,
Қувонч бор жойда мен доим борман дебман,
Воҳ, бир армон туғилганда армон дебман,
Сўнг кўксимда у юзта, мингталаб ўсди.
Бўлмаса ҳам ҳеч кимсага гина, гардим,
Кимларгадир оғирлигим сезиларди.
Уринмаган бир гул бўлсам узилардим,
Атрофимга ғанимларим йўлаб ўсди.
Кейин... минг бор синган чиқар кўнглим шашти,
Кейин қонлар билан тўлди кўнглим дашти.
Бир жонимни мингта бўлиб тепкилашди,
Билмам, умрим кимга тўлов тўлаб ўсди.
«Минг оёқ босгач ҳам, қайта турган гулсан,
Одамзоднинг борин айтадирган гулсан,
Ҳар ғанимга ҳали қайтадирган гулсан»,
Деб бир даҳшат ўт руҳим эркалаб ўсди.
Гарчанд ҳаёт худди ўйин, худди карта,
Яшаяпман ишқ кўкарта, бахт кўкарта,
Мени йўқотмоқ бўлсалар минглаб марта,
Яшамоққа кўнглимда минг талаб ўсди.
1990 йил 13 сентябрь


ЭВРИЛИШ БЎЛМАСА...

Орол оқмай қўйди оқар йўлидан,
Аёл оқмай қўйди оқар йўлидан,
Суйиб, бир-бирига боқар йўлидан
Инсон боқмай қўйди. Бу не синоат?

Ҳувиллаб қолгандай юртнинг ўр, қири,
Йигитларда шахд кам, қизларнинг сири,
Одамзод бирининг кўнглига бири
Чироқ ёқмай қўйди. Бу не синоат?

Эркакни гоҳ рашкмас, ҳасад ўлдирар,
Аёлни гоҳ фаҳшу фасод ўлдирар,
Одамзод бир-бирин кўнглин кулдирар
Бир гул тақмай қўйди. Бу не синоат?

Гулоб тутажакмиз, бўри чўлласа,
Ишқилиб қўлласа, бизни қўлласа...
Ўзи йўқлигида хотин гулласа,
Эр тутақмай қўйди. Бу не синоат?

Бугун шундай. Билмам, не бор олдинда,
Мисда бугун мис йўқ. Олтин олтин-да.
Эврилиш бўлмаса дунёи-дунда
Яшаш ёқмай қўйди. Бу не синоат?
1987 йил 12 сентябрь


ЎЛИМ ЯХШИ

Жон — жонингда дўстинг ўсса,
Тунларда ой тўлин, яхши.
Унга бало боқса, тўссанг,
Узун бўлса қўлинг, яхши.

Ёлғиз издан ўтлар йиғлар,
Ҳатто бағри бутлар йиғлар,
Қўш из кетса маҳшаргача,
Бирга кетсанг. Йўлинг яхши.

Эзмас сангу тош кўтарсанг,
Тазйиқ, дорга бош кўтарсанг,
Қисмат юкин қўш кўтарсанг,
Осонинг, мушкулинг яхши.

Агар,
Ногоҳ босса ҳам, тоғ,
Олдинроқ оқ, олдинроқ оқ,
Лаҳза бўлсин олдин кетмоқ,
Дўстдан олдин ўлим яхши!

Тугамас ишқ, бу сир, бу гап,
Арвоҳинг ҳам ғанимга даф.
Тирик дўстни ҳимоялаб
Гўрдан қўллар қўлинг яхши.
1990 йил 4 сентябрь


* * *

Деёлмам «Ҳамиша хизматда турдим,
Элимга бергали бойлик йиғдим мен».
Топган бор бойлигим — ўғиллар кўрдим,
Элни қўллагувчи қизлар туғдим мен.
1990 йил 4 сентябрь


БИЛИБ-БИЛМАЙ...

Билиб-билмай ими-жими яшайверамиз,
Чор атрофда қулайверар азим чинорлар.
Ўзимиз ўлмайдиганга ўхшайверамиз,
Юрагимиз тўниб қолган, йўқ унда зорлар.

Бизга жонин тутганлардан чарчаб, безамиз,
Эслаб ҳам қўймаймиз куйиб-кутганларини.
Жонимиздан аёз ўтган пайтда сезамиз
Бизни ўраб турганларнинг кетганларини.

Биров ишин битказади, биров битказмай
Кетар, шундай дунёдир 6у. Сочим бўямай,
Мен совуққа чидамсизман, аёз ўтказмай,
Тезроқ йўлга отланмоқни ўйлаб қўяман.
1990 йил 4 сентябрь


* * *

Мен ҳали-бери ўлмасам керак,
Ҳар довондан минг бор ўлиб ўтаман.
Сизнинг ўйнаб-ўйнаб етган манзилга
Мен адойи тамом бўлиб етаман.

Бир дардим бор — учмоқ, муттасил учмоқ,
Шундан фориғ бўлсам, соғлиқ ўлдирар.
Отдай соғлиғимни лаҳза ўтмаёқ
Тўхтаб қолгандаги оғриқ ўлдирар.
1990 йил 4 сентябрь


ҚАЧОН?

Кўклам,
Сен унинг номини ёзолмайсан,
Кўклаб кетар.
Ёзда журъат қилолмайсан. Ёзғирасан.
Куз куйинйб, ёзмоғингни чеклаб кетар.
Қишда қийин —
Қачон ёзиб улгурасан?
1985 йил 22 май


ТЎҒОН

Қўлларинг дарёга ташланган тўғон,
Оқяпман, қўлларинг қолар-ку тутиб.
Қўрқаман, мен қўрқиб ҳовучлайман жон,
Эҳтимол, сирғалиб кетарман ўтиб.

Қўлларинг дарёга ташланган тўгон —
Оқа-оқа бир кун етаман —
Фақат қўлларингдан балиқлар йўсин —
Қўрқаман, сирпаниб, чиқиб кетаман.

Қийин, билсанг, менга бўлар кўп қийин,
Дунёни қорайтар фикрим тўзони.
Айт, қай дарёларда оқаман кейин,
Тутолмай қолса гар қўлинг тўғони?
1985 йил 20 август


ҲОЛАТ

Бу боғнинг гуллари оқки худди қор,
Кўнгил жим. Ахтарсам сабаби бисёр.
Бирдан ҳушёр тортиб қоламан, ҳушёр.
Бу туғёнсиз умр меники эмас.

Севаман, севгимда хотиржам бир ўт,
Куйлайман, куйимда сипо шавқ, сукут.
Юрак парчинланмас, юрак доим бут,
Парчин, қонсиз умр меники эмас.

Севгилим, дарёдай кетяпман оқиб,
Қиргоққа бўй бермай, тошиб, тутоқиб,
Оқяпман, ич мени, ичгин ютоқиб,
«Ишққа — жон»сиз умр меники эмас.

Тафаккур, ёлғиз Сен тақдиримда ганж,
Сенсиз умрим ғариб, аянчдир, аянч.
Шеърият, кўксимга ханжарингни санч,
Бу қурбонсиз умр меники эмас.
1986 йил 7 май


БИР ШЕЪР КЕРАК...

Бир шеър керак, шундай шеър битта,
Ёзгач, тағин умр сўрамай,
Ўша шеърдан гурлаган ўтда
Ўла олай ортга қарамай!
1986 йил 7 май


ЁЛҒИЗЛИК

Бир вақт шошқин ёнимга келган эдинг йўл топиб,
Келганингга қадар ҳам яшаганман Сен билан.
Тунларда уйқу эмас, ёдинг кўзимни ёпиб,
Тонгларда уйғонардим тушда ўпичларингдан.

Келдинг, кўп ўтмай Сендан айрилиб қолдим, бироқ,
Қайдан қалб кўзи билан қолдим мен Сени таниб?
Бизлар бирга яшаркан, кетиб борардим йироқ,
Бизлар бирга яшаркан, борардим яккаланиб,

Гарчанд ҳамон биргамиз, аммо асли йўқсан Сен,
Наҳот, бу ҳаёт энди қабул қилмас таҳририм.
Бир гуруллаб тафт бермай ўчиб қолган чўғсан Сен,
Наҳот жунжикиб ўтмоқ — энди менинг тақдирим?!

Гарчанд энди кетмоққа — йўл топмоққа шошмассан,
Айт, қачон булут янглиғ қопладинг осмонимни?
Биргасану, йўқ, йўқ, жон-жонимга туташмассан,
Қайғусин қиламан шу ёлғизгина жонимни.
1984 йил 7 ноябрь


АЛАНГА

Гумоним йўқ, алангадай севдинг ютоқиб,
Сўзларингда, кўзларингда аланга тафти.
Мен билмабман, бу оловда умрим бутоғи,
Япроқлари секин-секин куя бошлапти.

Ҳаётимга алангадай кирдинг бостириб,
Ҳаётим бу алангадан исинди, ёнди.
Мен ўт эдим, ўтлар билан ўт суҳбат қуриб
Ўтсанг шу бахт эканига қаттиқ инондим.

Мен ўт эдим, ўтлик тутди ўтнинг барини,
Бугун ногоҳ ўтмас, сувни эм кўряпман.
Бугун ногоҳ умримнинг кўк кенгликларини
Қиёқ тилли алангага ем кўряпман.

Ва бир хаёл ўйларимга ўрнашиб олган
Такрор этиб ишқнинг ўтлиғ, мунглиғ сасини:
— Чироқ йўқми бу дунёда сақлаб қололган,
Куйдирмасдан ўзин урган парвонасини?
1984 йил 7 ноябрь


ҲИЖРОН КУНЛАРИДА

Ҳеч кимсани чақирмайман ўзга кўмакка,
Ҳожат борми, ўтир, дардим эшит, демакка,
Чунки мени сен тушунмай қолдинг, мен якка.

Ҳолбуки, сен... бир қарашда кўриндинг совуқ,
Бир қарашда... кейин ўзинг бўлдинг чирмовуқ,
Айб йўқ эмас менда ҳам, мен деёлмадим «йўқ».

Энди мени ҳар қадамда висол кутарди,
Ҳар қадамда кучли қўлинг аршга кўтарди,
Шодмон эдим, чунки йўлдан Сен-ла ўтардим.

Бу йўл чети дарахтларда кушлар чувиллаб,
Кеча ғужғон ўйнар эди, бугун ҳувиллаб
Қолган бу йўл, чунки... чунки мен бўлдим гуллаб.

Йўқ, ҳали ҳам якка эмас, сирдошим бордир,
Ул — ёлғизлик, қучоқ очар, қучоғи қордир.
Воҳки, бугун менга Сенмас, у муштоқ зордир.

Толе экан, тушдим бир сўз, қорлик, музликка,
Қурқдим, тағин алданмай деб айри сўзликка,
Мен тоабад кўнгил бердим нгул — Ёлғизликка.
Ҳеч кимсани чақирмайман...
1984 йил 7 ноябрь


ТЎМАРИСНИНГ АЙТГАНИ

Аёлнинг оғири, қўрғошини мен,
Қасос мени ҳам силкитди, кўймади.
Қонли хумга тикдим ёв бошини мен,
Қонга тўйсин дедим, тўймади!

Мен ҳам нафис эдим, ситора эдим,
Қасосимга бўйинсунмаганимда.
«Замон, замонингга ўт кетсин», — дедим,
Ханжаримнинг дамин синаганимда.

Набирам, Сенга ҳам етади бу хун,
Асли йўқ нарсани сўрамам Сендан.
Рақиб дуч келганда йиғламай маҳзун,
Қон юқи ханжаринг суғургин қиндан.

Қасос хаволарин очлик билан ют,
Гарчанд ситорасан, нафис аёлсан,
Менинг гумоним йўқ кетмоғига ўт,
Сен агар «ўт кетсин» дея қўзғолсанг...
1988 йил


МУАММО

Бугун муаммодир қўлни асрамоқ,
Муаммодир боғни, гулни асрамоқ.
Бошқача қурсак деб таклифлар қатор,
Қийин ҳатто тўғри йўлни асрамоқ.

Эсласанг... хотирга қуюнлар кетгай,
Эсласанг, қораяр кўзларинг олди.
Қийғос боғлар кетиб шамолга беткай,
Ўрнида яп-яйдоқ далалар қолди...

Ҳар бир сўзни маҳкам, дарахтдай ушлаб
Силкитгин, ҳар бир сўз берсин садо, ун.
Кўкартир, кўкартир тишингда тишлаб,
Тилни асрамоқ ҳам муаммо бугун!

Сўз ташиб, сўз ташиб худди болари
Биз қайгача борсак, сўз-ла борамиз.
Сийрак тортиб қолса сўз далалари,
Уни болаларга қандоқ берамиз?

Елкада она тил юклари турсин,
Биз кетавермайлик ўзни кўтариб.
Меҳнаткаш ўзбекнинг боласи юрсин
Пахта билан қўшиб Сўзни кўтариб.
1988 йил 18 апрель


НИМА ДЕБ КУЙЛАШНИ МЕНГА ЎРГАТГИЛ

Эҳтимол, буюмдан воз кечмоқ мумкин,
Бебаҳо кийимдан воз кечмоқ мумкин.
Нақшинкор уйингдан воз кечмоқ мумкин,
Аммо кекса онангдан эмас.

Чаманлар, эҳтимол, хотирдан кетар,
Тотганинг оғу — бол хотирдан кетар,
От кетар, суюкли бўрон ёл кетар,
Кекса отанг кетмас хотирдан аммо.

Балки хотин кетар Сендан узилиб,
Балки боланг, майли, кўнгли бузилиб.
Буларга айбдордай, куйиб, эзилиб
Шўрлик онанг Сендан қаёққа кетар!

Бездирсанг, ит кетар улоқиб, дайдиб,
Дўст кетар, дўстликка лаънатлар айтиб.
Руҳи ҳам чирқираб қоровуллайди,
Отангни ўлгач ҳам кеткизолмайсан!

Шундай дердим, аммо бугун бу йўлда
Нимадир ўзгарди, нимадир ўлди.
Ҳайрон кўзларига қумлар тиқилди,
Отанг уйдан кетди биринчи бўлиб.

Қадимда онани қақшатса хотин,
От думига боғлаб олинарди хун.
Ўша арқон эркак тилида бугун,
Онанг уйдан чикди иккинчи бўлиб.

Хотиржамсан, майли, сиёҳ кеч кирар,
Кўчада эмас-ку юпанч, куч кирар.
«Ў, болам-а», — деган ёзув қичқирар
«Қариялар уйин» деворларида.

Унутдим дийдаси қотганларни мен,
Ортимдан кўп қиммат сотганларни мен.
Ортимдан отгани отганларни мен
Булар нима, бундай Ғам келганда дуч.

Кўкдан қормас, қарғиш ёққаними бу,
Бола эмас, бало боққаними бу.
Дарёни тескари оққаними бу,
Тушун, — дейсан, ўргат, қандоқ тушунай?

Қичқириқ тутади, дунёи дунни
Ўчиринг, ўчиринг бу фиғон-унни,
Оёғи осмондан келган бу кунни
Нима деб куйлашни менга ўргатгил...
1987 йил 3 декабрь


* * *

Ҳувиллаган боғнинг боғ сиёғи йўқ.
Гоҳ чоғ кўнгилнинг ҳам чоғ сиёғи йўқ.
Гуноҳи нелигин билмай турган бу
Бемор янглиғ соғнинг соғ сиёғи йўқ.

Давр, дарахтларинг силкитаверма,
Чалаверма сўнгсиз имтиҳон найин.
Давр, одамларни олмадай терма,
Узилгач, уларни сақламоқ қийин.

Баъзан ярим тунлар сачраб, уйғониб
Ўзимча сен учун қидираман йўл.
Гоҳ-гоҳ ҳўлу қуруқ баробар ёниб
Бу боғ аста-аста бўлмаса деб кул
Кўп қайғураман!
1987 йил 10 октябрь


ЭНАМНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Ҳаёт, қийин ҳаёт эди, ў болама,
Онанг тили новвот эди, ў болама.
Тирикликнинг бор юклари елкасида
Онанг аёл, ҳам от эди, ў болама.

Сизлар унинг боласига ўхшамайсиз,
Сочининг бир толасига ўхшамайсиз,
Азаларда ҳиққиллашдан нари ўтмай,
Унинг йўқлов, ноласига ўхшамайсиз.

Ўриш, арқов йигирмоққа қўлингиз йўқ,
Ғамни бахтга ўгирмоққа тилингиз йўқ.
Базмларда бало борми сиполикка,
Наҳот, бахтдан тарс ёрилгич дилингиз йўқ.

Онанг юрса, қувонтириб юрди ерни,
Ҳамроҳ эмас, паноҳим деб ўтди эрни.
Бир куз қув-қув кўп йўталди, ренгенчилар
Гуллаб кетган ўпкасининг расмин берди.

Қушмиди-ей, яширди-я учганини,
Кўчиб кетди, кўрсатмасдан кўчганини,
Куйиб кетдим, эшитганда, ўзи билмай
Ўқарикдан дорили сув ичганини...

Дил овлашда мерган болам, ў болама,
Дориларга берган болам, ў болама.
Ул гўшани супурибми турмоқ учун
Мендан олдин борган болам, ў болама.
1987 йил 10 октябрь


* * *
...га

Санчийди кўксимнинг мана бу ери,
Кўрганда «тоғчалар», тўсин тоғларни.
Мос келмай қолади фикриму шеърим
Мосламаларига қўғирчоқларнинг.

Чақиришиб амма, холаларини,
Маслаҳат бошлашар «Не қилмоқ даркор».
Босишиб ўз кичик молаларини,
Пилдираб, шеъримда бошлашар шудгор.

«Мана тайёр» — катта кўғирчоқ кулиб,
Елкамни силайди, бирга ичаман.
Сўнг шеърим оламан, қўлидан юлиб,
Сўнг... бу шудгорланган шеърдан кечаман.
1984 йил 30 ноябрь


ҚАДАҲ
(баллада)

Шом шамоли изғиган кечда
Учта одам ўтириб ичди.

Эр, хотин ва учинчи эркак,
Учинчининг кўзлари сергак.

Хотин силаб-сийпар эрини,
Эр билмайди унинг ерини.

Хотин тилда бергудайин жон,
Кўкрагида ғимирлар илон.

Қани олдик!
Оқ урарлар, оқ,
Эр кўксини чангаллар шу чоқ.

Ўҳ, юракка бориб етди ўт,
Томирларин қирқиб кетди ўт.

За-ҳар!
Қулаб, эри берди жон,
На қотил бор, на бир томчи қон...

Бўш қадаҳ ҳам кетмади синиб,
Дастурхонга қайтди ювиниб...
1986 йил 4 октябрь


* * *

Эркаклар ўлимга кетган йўллар бу,
Ортига қайтмаган из бор барида.
Шохлар чўзилганча қолган қўллар бу,
Дод солганча қолган йўл четларида,
Сен бу дарахтларга меҳрибонроқ бўл!

Қандоқ унутаман, унутай қандай,
Айниқса кўрганда бу — жанг бошини.
Мажнунтол букилиб садр тушгандай,
Саннаб йўқлайверса тўкиб ёшини,
Опам, синглим дегил мажнунтолларни!

Яхши ният билан 6у уйни куриб,
Ўлимга кетганлар, ўтиб-ўтмай тўй.
Кетганда ортидан кетмаган юриб
Ўлганда... тўкилиб йитмаган 6у уй,
Эҳтиёт бўлиб кир остонасидан!

Аёл, бу аёллар сокин ўлтирар,
Кўзлари минг бало, қазони кўргач.
Улар бўйдор ҒАМни қучиб ўтдилар,
Бўйдор эрларини ўлимга бергач.
Уларнинг кўзига тик қараб бўлмас.

Эркаклар ўлимга кетган йўллар бу!
1986 йил 4 октябрь


ПАЙТ КЕЛДИ

Ортиқ кўкрак кердик-а,
Ноқис ишлар кўрдик-а,
Хўп семириб юрдик-а,
Энди озар пайт келди.

Юлғич юлди, қувонди,
Фаҳш ўпди гоҳ жувонни,
Ким йиғди бор унвонни,
Энди тўзар пайт келди.

Ҳақ ололмай олгандан,
Изтироб ўтди жондан,
Ҳамон ўзғир ёлғондан,
Энди ўзар пайт келди.

Бу норасо ўйларни,
Забонсиз дўст, қўйларни
Шоир кўпроқ ўйларди,
Энди ёзар пайт келди.
1987 йил 3 октябрь


ҲАҚ СЎЗИНГ УЧУН

Жон қайғуси бор жойда йўқ виждон кайғуси.
Е. Евтушенко.

Ёзмоқ ўтида ёнсанг,
Иккиланиб ўтирмай,
Саратоннинг юзига
Ёзавергин қор билан.

Тилинг айланмай қолса,
Куйиб кетган дилингни —
Айтарингни айтавер
Қўлинг билан, тор билан.

Бундан агар эл учун
Келар бўлса қилча наф,
Қилдай тилини топиб
Тиллашавер мор билан.

Ҳақ сўзинг учун даврон
Осмоққа ҳукм этса,
Даврондан юз ўгир-да
Сирлашавер дор билан.

Юз — ўз жонйдан бошқа
Қайғуси йўқ — халқ змас,
Бирлашавер, Ҳалима,
Бир иймони бор билан.
1987 йил 4 октябрь


* * *

Қуруқликдан келади чирмаб:
«Чиқиб кўр-чи, чиқсанг, бергум тан».
Сен ҳаётда қушдан кўчирма,
Учқур қушдан, чиқиб кетасан.

Зич тўрларин сувга ташлар қарс,
«Чиқиб кўр-чи, чиқсанг, бергум тан».
Тутқич бермас балиқ берган дарс,
Учар балиқ, чиқиб кетасан.

Яшайвергин шундай кескин, дов
Ҳар гал мағлублигин танитиб.
Ҳеч қачон тан бермас номард ёв,
Фақат шуни қўйма унутиб.
1988 йил 15 апрель


ТОШ ҲАҚИДА

Эй тош,
Эй, кундан-кун шишаётган тош,
Бировнинг қўлида соққадай ўйнаб
Бошқага гурзидай тушаётган тош,
Менинг ҳам қўлимда бўларсан соқка
Мен сени бировнинг бошига эмас,
Ботқоққа отаман,
Ботқоққа!
Қайтиб бу ўртада ораламайсан,
Соғ бошларни яраламайсан!
1988 йил 29 апрель


ГУЛ ҲАҚИДА

Дарддошликка гул хўб, кўп кузатилган,
Дардингни жимгина ютиб кетади.
Одамға айтмаки, қўшиб чати-лган
Шовқининг дунёни тутиб кетади.

Гулнинг дардларингни подадай ёйиб,
Бойиб, ўтлатгувчи ўтлоқлари йўқ.
Унинг бир дардингга ўнта дард қўшиб,
Жўшиб, хатлатгувчи ўртоқлари йўқ.

Дарддошликка гул хўб,
Кўп кузатилган...
1988 йил 2 май


БУГУН АЙТ

Унга айтарингни шу бугун айтгин,
Эртанинг келарин ўйлаб ўтирма.
Эрта кун қизғанган ушбу сўзингни
Айтишга улгурмай қолиб, ўкирма.

Гар бу олма унга аталган бўлса,
Бугун бер, не учун эртани кутмак.
Мабодо, у шомда ё тунда ўлса,
Не зарур, пушмонни қон каби ютмак.

У ўлса... ҳар ҳолда шу совуқ туйғу,
Ўз кўнглин бемалол тўқлашдан афзал.
«Отдай юрибди-ку, ўлгани йўқ-ку,
Эрта берарман», — деб ухлашдан афзал.
1988 йил 29 апрель


МАРҲУМНИНГ ЎЗ ДЎСТИ ҲАҚИДА АЙТГАНЛАРИ

Сиз кўнглимни кўтарсангиз сал
Бўлар эди, ҳолим эди танг.
Келмадингиз сиз, келди ажал,
Тобутимни энди кўтарманг.
Тирак бўлмоқ тирикликка зеб,
Ўлим билан қилганимда жанг,
Сизни кутдим келармикан деб...
Тобутимни энди кўтарманг.
Келмадингиз... Ўралишди у,
Қоқ суяк бўлгунча олишдим.
Оҳ, қасдимга ёмон тушди.у,
Қоқ ияк бўлгунча олишдим.
Ва тан бердим Сиз йўғингизда
Қизил қонларимга ботиб ман,
Дўст, душманга Сиз тўғрингизда
Мана энди айтаётибман.
Манов дўстнинг дўстдир сиёғи,
Тирик дўстга келмагай беткай.
Сизга унинг чўян оёғи,
Фақат қазо кунингиз еткай.
Кўнгли юмшаб, эриб келгунча,
Меваларин териб келгунча.
Эрдан чиққан қизларин мақтаб,
Қайта эрга бериб келгунча.
Сувим тиниб қолди жонимда,
Ўтим сўниб қолди жомимда,
Қачон йўлга чиққанин билмам,
Етиб келди қатл комимда.
Энди мени ёдлар кўтарар,
Илҳақ оҳу додлар кўтарар,
Кўтаргандан кўра бундай дўст,
Ётлар, етти ётлар кўтарар!
Сиз кўнглимни кўтарсангиз сал
Бўлар эди, ҳолим эди танг...
1988 йил 2 май


НОДИРАИ ДАВРОННИНГ СЎНГГИ ШЕЪРИ

Ҳаётингдан балки беиз кетгайдир,
Душман ёзса ёзсин хато ёзса гар.
Ҳар ҳарф юрагингни тешиб ўтгайдир,
Хато ёзмасинлар ўзингникилар.

Қиш қаҳрига олса, баҳор келмасдан
Сенга ҳукми — қатл кун келса агар.
Душман босса боссин, билиб-билмасдан
Муҳр босмасинлар ўзингникилар.

Мен сиғмаган ҳаёт гулгун, бардавом,
Бўғзимдан бўғилиб сўнгги сас келар.
Душман осса оссин жоҳилу авом,
Мендек, осмасинлар ўзингникилар.
1987 йил 7 ноябрь


«ЭСКИ ЎЗБЕК ТИЛИ»ГА ЁЗУВ

Менинг тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим,
Баҳайбат тўғон тушиб,
Йўли тўсилган тилим.

Қушнинг унут патидай
Тўкилган унут жоним,
Китобларнинг қатида
Ранги-рўйи сомоним.

«Эски ўзбек тили»мас,
Дедилар эскирган тил,
Қўрқиб чиқармоққа сас,
Сандиқларга кирган тил.

Сенда бодом иси бор,
Сенда бобом иси бор,
Болам на рус, на ўзбек,
Аросат белгиси бор.

Беш юз йиллар аввалги
Хатни мен англайман, бас,
Мен бугун айтганимни
Болам баъзан тушунмас.

Кўкрагимда дод қотган,
Яқинлашар катта хавф,
Ўз тилини йўқотган
Халқ бўлмасми ердан даф.

Олдга, сафарбарликка
Қандай ярайди болам,
Ортидаги жарликка
Қандай карайди болам.

Уни ким қилиб қўйдим,
Ким бўлди оғам-иним,
Томир-томирим куйди,
Синди бўғин-бўғиним.

Гули унут халқ бўлдик,
Иўли унут халқ бўлдик,
Оммавий гунглик содир,
Тили унут халқ бўлдик.

Умримнинг шом, кечига
Шу ўй санчилиб туриб,
«Луғатит-турк» ичига
Ёшим томчилаб туриб,
Дедим: — Тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим.
1989 йил 14 февраль


ҚИШ КЕЧАЛАРИ УЗУН

Қиш кечалари узун,
Узун хаёл суради.
Паға-паға қор намчил
Деразага уради.

Менинг маъюс дилимга
Ваҳималар қурар ин,
Бу қаҳрли тунда йўлга
Сиз чиқмадингизмикин?

Шамол увлар қутуриб,
Бор бўл дунёда, сезим!
Игна учида юриб
Мен тонг отдирган кезим...

Сиз кирасиз, ҳорғин, шод,
Кўзларингиз толибди.
Дейсиз «Соғиндим, уйғот,
Обчиқ Мирзо Ғолибни».
1989 йил 15 февраль


МАЙСА

Орамизда бу майса ўгай,
Уйқусираб турар сиёғи.
Узин олиб қочмайди нега,
Не ишончдан порлар қиёғи.

У ўйлайди тозароқмиз биз,
У кўрмайди бизда пастликни.
Майли, тонгда ўйлаб кўрамиз
Уйғотиш ё уйғотмасликни...
1989 йил 15 февраль


ИККИЛАНИШ
(«Шохимдаги қуш» туркумидан)

Олдин ҳеч нарсада иккиланмасдим,
Ҳаёт томчи-томчи руҳимга сингди.
Энди билмам узунми, қисқа дастим,
Энди гумон менинг доимий синглим.

Дарахт бўлатуриб иккиланаман,
Шошилиб шохимга қўяётган ин
Бу қуш умр бўйи яшармикан шан,
Кўзлаган ерига етадимикин?!

Гулларга оғринмай елка тутар қир,
Узим-ку ҳеч гапмас, йиқилсам, йитсам,
Шу қуш бўлмасмикин мендан домангир,
Мабодо,
Мабодо кесилиб кетсам...
1989 йил 15 февраль


ЁЛҒИЗЛИК

Бу сўз уфуради бир совуқ ҳаво,
Ўзи битта, уни ёдлар тўти йўқ.
Ёраб, дафтаримнинг ўшал бенаво
Кирмаган бир шеъри, бирор бети йўқ.
1989 йил 15 февраль


* * *

Тиёлсанг нафсингни тий,
Тиёлмасанг еявер.
Бўлса уч-тўртта соқий,
Базм ўлди деявер.

Бир бошлиғи йўқ юртдан
Этак қоқиб қочавер.
Соқий бўлса уч-тўртта,
Ўзинг қуйиб ичавер.
1989 йил 15 февраль


* * *

Қушлар ака-укалар,
Гуллар опа-сингиллар.
Шундай яшаш бўлмаса,
Бир кун ҳамма енгилар.
1989 йил 15 февраль


* * *

Тахтга чиқар йўл бордир,
Чиқавер шошиб бахтдан.
Тахтдан тушар йўл йўқдир,
Йиқилмоқ бордир тахтдан.
1989 йил 15 февраль


БАДБАХТ ИШОНЧ

Бу тош,
Менга ортиқ ишонар бу тош,
Ёмғир менга ёғар,
Унга тегмайди.
У деб бор балога мен берурман дош,
Мен тирик эканман,
У бош эгмайди.
Туғилмагандайди
Шу бадбахт ишонч,
Жойлашиб олмаса бунча ичкари,
У тошлай қолмасдан,
Бўлармиди ганж
Ёки учармиди қанот чиқариб.
Йўқ,
Устини қоплаб етти қават чанг,
Учмоқни унутган,
Босилган бу тош.
Ўзим турсам ҳамки оёқда аранг,
Менга осилгани осилган бу тош.
1989 йил 17 февраль


ЙЎЛГА ЧИҚҚАН...

Йўлга чиққан бир ўрмон дарахт.
Чиқаверган чақиришган он.
Ким айтади, ким эмас карахт,
Олдиндаги йўл элтар қаён?
Биров айтса, берардим жоним,
Олдинда муз, қормаслигини,
Айтса, гаров қўйиб иймонин,
Ботқоқликка бормаслигини!
Биров айтса бўлардим фидо,
Кўзи билан ё сўзи билан.
Кетаётган бир ўрмон худо,
Бари машғул ўз-ўзи билан.
Йўлга чиққан бир ўрмон дарахт...
1989 йил 18 февраль


УЧИРМА
(«Шохимдаги қуш» туркумидан)

Шохингдаги қушни қайтиб учирма,
Унутсин, эслатиб, айтиб учирма,
Жойлашиб ўтирса ўтираверсин,
Бошқа қушлар учган пайти, учирма.

Умрини ўтказсанг ўтказиб юбор,
Бойлаб, рангини сарғайтиб, учирма.
Воҳ, тоғдай юракни бой бериб қўйдим,
Шохдаги қушчалик пайтим, учирма.
1989 йил 18 февраль


АСЛ БАХТ

Келган ишинг барори,
Сен дунёнинг гули чин,
Йиқитолмас ғам дориб,
Сен қувончлар қули чин.
Нураш билмас тахт қилдир.

Эгасан бахт, салмоққа,
Лек, барибир хун чоққа,
Ўз бошингни олмоққа
Тайёр турсин қиличинг,
Журъатингга шахд қилдир.

Яшамадинг қунишиб,
Мард бор, сўнг он — тик тоққа.
Ўзга қиличи тушиб,
Тушмай ўзга оёққа,
Кетсанг, асл бахт шулдир.
1989 йил 18 февраль


СОВУҚ ШАМОЛ
(«Шохимдаги қуш» туркумидан)

Совуқ шамол, билмам, не дарди,
Шом аралаш йўл солди боққа,
Шохимдаги қушча ўзгарди,
Қатнаб қолди тез-тез у ёққа.

Бу қатновлар ўзгартди тусин,
Қарашлари қишга айланди.
Қатнаб-қатнаб қушчам, мунисим
Бир қасамхўр қушга айланди...

Совуқ шамол,
Билмам, не дарди...
1989 йил 18 февраль


ЯРИМ КЕЧА...

Усмон Носирга

Ярим кеча,
Йўқолган тинчим,
Кўкрагимга қорлар қулайди.
Қайтиб келар ўттиз еттинчи...
Ниҳоллар, чинорлар қулайди.
Рўмолчада нон, қанд ўроғлиқ,
Илинарлар «Шўрлик Усмон ер».
Тик турганча устунга боғлиқ,
Кўкка дўқлаб, Усмон ўқир шеър.
Ўқийверар... осмонлар пастлар,
Лаҳза қаҳ-қаҳ, лаҳзада йиғи.
— Бу касални кўп ушламаслар,
Тугади, дер лагерь бошлиғи.
Қўли боғлиқ бу йўловчини
Ёшин шамол сидирдимикин?
Ердан топмай бир қўлловчини
Кўкдан худо қидирдимикин?!
Она элим, кўкси тўла доғ,
Тушдинг қора рўйхатга, токай,
Сор ўғиллар туғарсан, бироқ
Олдирарсан калхатга токай.
Ҳамон қут йўқ, ўт йўқдай юртда
Рангинг сариқ, мангу силдайсан.
Сен туғмоқни қилурсан удда,
Асрамоқни ҳамон билмайсан!!!
Ярим кеча,
Йўқолган тинчим...
1989 йил 20 февраль


ТУРКИСТОН ОНАСИ
(туркумдан)

Менга айтадилар, мустақиллик, шон
Бир омаддай келди. Нечун кулмайсан?
Бўғзимга келади кўксимдаги жон,
Санчилаб оғрийди кўксим, жилмайсам..

Жиззах вокзалида поездлар тақ-тақ,
Тўплар халойиққа ўт сочар тикка.
Тўпга қалқон бўлар гулгун келинчак,
Куёв Сибирь кетар, мардикорликка!

Нечун, бу — омад, — деб бўғизни йиртмоқ,
Шоша-пиша ювмоқ сачраган қонни.
Тушимда илондай солланар сиртмоқ,
Дорга осадилар Дукчи Эшонни!

Акани сингилга қайрайди тузум,
Чавақланган Нурхон тушимга кирар.
Тушимда жаллод енг шимариб ҳар тун,
Тилим деганларнинг тилин суғурар!

Қандоғам ичимга беркитай, ютай
Бағрим қиймалаган волаларимни.
Кўксимга тош босиб қандоқ унутай
Тили суғурилган болаларимни.

Мустақиллик!
Сенга мен келдим шонлар,
Қонлардан кўпчиган далалар билан,
Дорларда чайқалган Дукчи Эшонлар,
Тили суғурилган болалар билан.
1991 йил 31 март


ДАРДИМ БИЛАН ЎСАДИЛАР БИР КУНИ...

Сен айтганда фақат бахтдан айтарсан,
Насиямас, фақат нақддан айтарсан,
Таназзулсиз тожу тахтдан айтарсан,
Мен комил бўлмадим, камимдан айтдим.

Балки сенга бедахддир қиш қори,
Ордир менга ўзбекнинг номус, ори,
Чўкиб борар минглаб гўдак мозори,
Мен дод дедим, мен аламимдан айтдим.

Чўпдай озғин оёқлари чалишиб,
Кўтаролмай тупроқ тўла калишин,
Бу «дамқисма» аёл нафас олишин,
Кўриб нафас қисар дамимдан айтдим.

Ҳамон тонглар умид-ла уйғонар у,
Сабр таги — олтин деб инонар у,
Шундай десам, оҳ, нохосда ёнар у,
Тўкила бошлаган жомимдан айтдим.

Ранглари сарғайиб гуллар йиғлади,
Чалкашиб, бош қашиб йўллар йиғлади,
Кўрар кунлари мушкуллар йиғлади,
Қуюқ тортиб келар шомимдан айтдим.

Бошга тегиб бошин эгди шоҳ сўзим,
Тошга тегиб ёшин тўкди, оҳ сўзим!
Неки айтдим жавобгари бир ўзим,
Ҳалима, деб мискин номимдан айтдим.

Осса, мени осадилар бир куни,
Дардим билан ўсадилар бир куни,
Элин комил кўрмай ўттан ғариб, — деб
Маним номим ёзадилар бир куни.

Сен айтганда фақат бахтдан айтарсан...
1988 йил 14 август


ТУШУНМАСМАН

Тушунмасман. Майли, тунни тангдай қилиб тушунай,
Тенг эмасми тенг кўрайин, тенгдай қилиб тушунай.
Тизимдан ҳам келмас пастлар чиқаверса елкамга,
Кўнглим уқиб келмаганни қандай қилиб тушунай?!

Бу болалар қайда ўсди, бундай ўтсиз, боши хам,
Ўн бешида бош бўлмади, йигирмада оши хом.
Тик тикилиб келаверсанг синар тоғнинг тоши ҳам,
Тик кўз тикиб келмаганни қандай қилиб тушунай?!

Сабаб йўкдай бу таъзимкор болаларни сўкмоққа,
Оналари яралгандай ҳасратларин чекмоққа.
Улар қаттиқ ўрганганлар ўз қадрларин букмоққа,
Ёвни букиб келмаганни қандай қилиб тушунай?!

Ёвлар зимдан кўкраклара бемалол тиғ сайсалар,
Минг йилларки ниш урмайди қасос янглиғ майсалар.
Минг йилларки қўрқув дори бошимизда чайқалар,
Дорни йиқиб келмаганни қандай қилиб гушунай?!

Халқ гоҳ тўда-тўда экан, гоҳо ҳалқаю-ҳалқа,
Мардлари ҳам ҳаминкадар, ўзимизга басалқа.*
Халқ деганда жондан кечиб, бутун бошли бир халққа
Бошин тикиб келмаганни қандай қилиб тушунай?!

Ерда тузлар кўчаверса заҳару оғу ташиб,
Самолётлар учаверса тулки ташиб, қув ташиб,
Ўғли мамнун яшайверса ёв молига сув ташиб,
Гўрдан чиқиб келмаганни қандай қилиб тушунай?!
1988 йил 19 июль


ТАЪНАЛИ ШЕЪР ЁЗГАНИМДАН КЕЙИНГИ ИЗТИРОБЛАРИМ

Сени ўтсиз дейман-у, ўзим ёна бошлайман,
Қутсиз дейман-у, ўзим ғамга қона бошлайман.
Толесиз эканимга, оҳ, инона бошлайман,
Мунг тўла кўз ўғлоним, нимангта таъна қилай?!

Ининг келиб сен қуйган ғиштингни қирқаётир,
Фитна-фасодлар хели — хиштингни қирқаётир,
Улкан заводлар сели — пуштингни қирқаётир,
Хотини қиз ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Бобонг фақат Темурмас, пахтакор ҳам бўлгандир,
Унга ҳам омад келиб, планлари тўлгандир,
Ўзи жигарин ушлаб пахтазорда ўлгандир,
Сарғимтил тус ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Улуғ янги завод деб имзо чекади тағин,
Ўзбек ерига тўймас кўзин тикади тағин.
Сил, сув очган қичима... оқ қон чиқади тағин,
Жони тўс-тўс ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Ютқазгани-ку аниқ, аммо ютганин билмас,
Меҳмон — атойи худо. Кимни кутганин билмас,
Тилла-зарини кимга, қайга йитганин билмас,
Кийгани бўз ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Сингилларинг далада ёзлашар-у қишлашар,
Улар фақат ўлганда бу ер билан хўшлашар.
Хўшлашганлар... гоҳ жиннихоналарда тишлашар,
Чўкканча тиз, ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Менинг титраган қўлим хатолар ёкасида,
Илдизингдан емирган катталар ёқасида,
Безабон ўтаверган оталар ёқасида,
Сен ҳам бесўз, ўғлоним, нимангга таъна қилай?!

Сариосиёда-ю Навоийда заҳар, ис,
Биз ҳам бўғзгача тўлдик. Йўқ, ортиқ тўлолмасмиз.
Бу қора ёзуғларни бузмасдан ўлолмасмиз,
Ўс, тезроқ ўс, ўғлоним, нимангга таъна қилай?!
1988 йил 19 июль


ЭЛДОШЛАРИМ ИЧРА ЮРИБ

Элдошларим ичра юриб
Қайғуларим қуюқлашди.
Ҳар хил майда имконлар бор,
Биз истаган имконлар йўқ.

Ўзимизча неларнидир
Бугун инкор этмоқдамиз,
Эрта бу инкорлар инкор,
Қайта синмас инкорлар йўқ.

Савлат тўккан бу шунқорлар
Ўрлаб борса тоғда хоқон.
Чўққига бир чиқмоқ учун
Ўлмакка шай шунқорлар йўқ.

Сағирмас фақат сағирлар,
Елкалар ҳамон яғирлар,
Нечук қолдик ер бағирлаб
Кўкраклари осмонлар йўқ.

Минг-минг етим гўдак деманг,
Минг-минг боши эгик одам,
Шу ғамлардан кўзим ёши
Селим, деган инсонлар йўқ.

Эрим деган, ё хотиним,
Майда-чуйда исёнлар кўп,
Оҳ, минг оҳким, ерим деган
Элим деган исёнлар йўқ.

Элдошларим ичра юриб
Қайғуларим қуюқлашди...
1988 йил 8 январь


БУЛ КУН КИМДИР ЎЙНАСА

Бул кун кимдир ўйнаса
Доғ устида ўйнайди.
Доғ-дарахти зардоб ранг
Боғ устида ўйнайди.

Бу тупроққа ишонч-ла
Оёқ босиб бўлмагай,
Қумлари тирқираган
Қумлоқ устида ўйнайди.

Бул кун туҳмат — тоғдай тик,
Бул кун иғво — кўп улуғ,
«Бул қаро-ку, қаро» деб
Оқ устида ўйнайди.

Ҳар қадамда ғор, қопқон,
Қурбон топқони топқон,
Юзтубан тушган мункиб,
Ҳамроҳ устида ўйнайди.

Муқом-ла янги-янги
Тепинганда ер чангиб
Ўзи тушар, эртанги
Чоҳ устида ўйнайди...

Қандоқ сўлмай қиёғи,
Куйиб кетмай оёғи,
Нақ юракнинг устида,
Оҳ устида ўйнайди...
1988 йил 8 февраль


ҲУРЛИК ЎТИ

Элим, Сени муте кўрсам,
Кўздан қолай, кўзим куйсин.
Дема, унда не деюрсан,
Сўздан қолай, сўзим куйсин.

Тўтимасман бир бийрон тил,
Дил оўлмаеа ор, иймон — дил.
Тил бўлмаса дарду қон тил,
Тилим деган сезим куйсин.

Ҳар толеда бир шоҳлик бор,
Ўлмай етсам, эл бахтга ёр,
Қолаверса эл зор, ночор,
Маним шоҳлик кезим куйсин.

Қай пайт мотамсаро кўрдим,
Иғво, фитна аро кўрдим.
Ғамдан юзин қаро кўрдим,
Маним шоир юзим куйсин.

Ў, кўп сирлар бўлар-ку фош,
Кўрарманми, етиб бардош.
Кетсам, қолса эл эгик бош,
Тутаб гўрим, изим куйсин.

Ў, чин ҳурлик бахти катта,
Етажакмиз биз албатта,
Мен етмай ўтсам, у ўтда
Маним ўғлим-қизим куйсин.

Элим, Сени муте кўрсам,
Кўздан қолай, кўзим куйсин...
1988 йил 8 январь


ҚАНДАЙ ЯШАЯПСИЗ?

— Қандай яшаяпсиз? Бу саволмас, тош,
Зада юрагимга теккувчи бот-бот,
Ишқилиб, ҳолимни қилмайдирми фош,
Ранги заъфароним, кўнглимдаги дод?

Бошдан оёғимга қадар муз кетар,
Совуқ қорларини ичга урар қиш.
Тонгдан шомга қараб илдам сўз кетар,
Илдамроқ силжиса, қани эди, — иш?!

Менам неларнидир айтган бўламан,
Бажаргум кимнингдир буюрганини.
Кечда ҳориб-чарчаб қайтган бўламан,
Сезмай ҳам қоламан тун кирганини.

Сут ҳидин қўмсаган болам чарх уриб,
Кўксимга бош қўяр, кўксим ўйлаб — тоғ.
Ишлаб келган бўлиб, мадорим қуриб,
Мен уйқуга кетгум ундан оддинроқ.

Отаси... У мендан кўпроқ чарчайди,
Вақт деганга у ҳам ўтмади ёлчиб.
Болажон, юзингни юлдузлар чайди,
Улар билан тиллаш, улар — бекорчи.

Кейин... тушлар кўриб босинқирайман
Гапнинг қизиётган бозорларида.
Аёллар кўраман, озғин, касалванд,
Минглаб гўдакларнинг мозорларида.

Улар қотиб турар, беҳол қонсиз, оқ,
Тан олгандай, ночор, гўлликларини.
Улар кўкрагига босар қаттиқроқ
Совуган гўдаклар — ўликларини!

Қандай яшаяпсиз?
Бу саволмас, тош...
1988 йил 23 февраль


ЧАҚИРСАНГ...

Чақирсанг, кўнглида ўт
Бор боради мен билан,
Ё ҳақ, деган бир ўтлиғ
Зор боради мен билан.

Қон юқимас қўлимиз,
Бермагаймиз жаллодга,
Жаллодларни осгулик
Дор боради мен билан.

Аслимиз ер, гил экан,
Кўкка сапчиб не топдик.
Оёқ ости бўлгану
Хор боради мен билан.

Зиқна отган- ярадору
Фитна сотган ярадор,
Ўзимдай оқарган бош —
Қор боради мен билан.

Машраб илдизим, жоним,
Бўғзимдан сачраб қоним,
Тўқ, маст-аласт дунёга
Инкор боради мен билан.

Тоғмас, таянолмайсан,
Соғмас, суянолмайсан,
Ўзим каби бемадор
Бемор боради мен билан!

Шунда ҳам қилсанг илож,
Чақир, мен ҳам қулдирман.
Бошингда ярқироқ тож,
Оёғингда кулдирман.
1990 йил 13 апрель


ИЗЛАЙМАН

Ишонаркан ортдагию ёндошга,
Игаонаркан бегонаю қондошга,
Бошим билан уриларкан, воҳ, тошга,
Орангиздан Навоийни излайман.

Яшнаб-яшнамасдан, сўлиб-сўлмасдан,
Кетиб борарканман, ўлиб-ўлмасдан,
Мен ўзимнинг кимлигимни билмасдан,
Орангиздан Навоийни излайман.

Дунёнинг сир-синоати минг турлик,
Бирда хўрлик ўлдиради, бир кўрлик,
Навоийни туғмай, нечун, мен шўрлик,
Орангиздан Навоийни излайман.

Ўтарканман доғи билан доғланиб,
Хокистарин таниб қолдим, оҳ, таяниб,
Девониға суянаркан покланиб,
Орангиздан Навоийни излайман.

Айтинг, кўп қолдими ё оз ул кунга,
Қачон етгум ул ўғилга, пок унга,
Юзим билан йиқиларкан олдинга,
Орангиздан Навоийни излайман.

Юрсам, юргум шу ният ҳар дам ёқиб,
Кетсам ҳам умрим — шу ёруғ ғам ёқиб,
Қабримда ҳам тунлар туриб, шам ёқиб,
Орангиздан Навоийни излайман.
1990 йил 13 апрель


БАЗМИМИЗ ОХИРЛАШДИ

Базмимиз охирлашди,
Куйимиз оғирлашди,
Юклар остида, не тонг,
Руҳларимиз бирлашди.

Жангга солиб қўшинни,
Яшаб ўтдик шишиниб,
Ҳеч йўқса ўлим олдй
Бир-бировни тушуниб.

Балки берармиз сазо,
Бирга ўйга толармиз.
Балки келгунча қазо
Бир йиғлашиб олармиз.
1990 йил 14 мартп


БЎЛАК НАРСА...

Бу дунёнинг кўчалари бўм-бўшдир,
Чироқсиздир, кечалари бўм-бўшдир.
Гўдакларнинг қўлчалари бўм-бўшдир,
Бу қўлларга тошдан бўлак нарса бер.

Оҳ, бу кўзлар, билмам, қачон бир кулган,
Афғон томон термулгани-термулган,
Қорачиғин афғон бўрони юлган,
Бу кўзларга ёшдан бўлак нарса бер.

Тун. Ҳавода тутун. Заҳру заҳарлар,
Мардлар кетар, олмоққа юрт, шаҳарлар,
Сен уларни кузатаркан саҳарлар,
Она, суву-ошдан бўлак нарса бер.

Келган борки, дема, нону туз берди,
Келган гоҳо ваъда берди, сўз берди.
Улуғ хоқон, сендан сўров шу эрди,
Элга сабр, бардошдан бўлак нарса бер.
1987 йил 14 май


МЕН КЕТСАМ...

Эрта-индин мен кетсам
Ёд қолади ортимда.

Шеърлар либосин кийиб
Дод қолади ортимда.

«Бир куйган кўнгил» деган
От қолади ортимда.

Амримга кўнгил, — деган
Хилқат қолади ортимда.

Бобомни тушунмасдан
Дунёдан гирён ўтдим,

Армон, болам тушунмас —
Хат қолади ортимда.
1990 йил 15 апрель


БУ ДУНЁНИНГ КЎЗЛАРИ...

Бу дунёнинг кўзлари
Кўр эканин билмадим.

Ёзуғи пешонамдай
Шўр эканин билмадим.

Меваси мангу пишмас
Ғўр эканин билмадим.

Ҳар қадамда минг чоҳу
Тўр эканин билмадим.

Билмасам-да, нечундир
Бир очилиб кулмадим.

Мунглиғ, кўзи ёшлининг
Теграсидан жилмадим.

Кўзим шунча ёш тўкди
Кўнглим — кўза, тўлмадим.

Ўлсам... қутулармидим,
На иложки... ўлмадим.
1987 йил 14 май


САРИОСИЁДА

Баланд дунёларнинг пастида юрар,
Қуриган бодомзор остида юрар,
Дунёга ўт қўймоқ қасдида юрар,
Сариосиёнинг ерли қизлари.

Заҳар ҳаволарга сирин айтади,
Минг дардидан қайси бирин айтади,
Отасиникига қизлай қайтади,
Сариосиёнинг ерли қизлари.

Бу дунё бул қадар пулга ўч, юзсиз,
Тўймас кўзларини завол ёндирар,
Бир куни дунёни ёндирса, сўзсиз,
Дунёдан қиз ўтган аёл ёндирар.
1988 йил 8 май
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:08:19
- «ҲУРЛИК ЎТИ» ТЎПЛАМИДАН -
(1993)

Битта муштга айланмай биз дастмиз ёлғиз-ёлғиз,
Тўзим косаси янглиғ тўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз,
Турку Турон тиклангай, ўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз,
Худо, тўзгин элимни бирлаштир, — деб йиғладим.


ДУНЁЛАРГА СИҒМАГАН ҒАВҒО...

Биз кетганда ўзимиз еру,
Кўнгил осмон, кўкка кетгаймиз.
Кекирганнинг ёнига эмас,
Чўғни босиб, чўққа кетгаймиз.

Сотқин, ўзғир ўтмаганида,
Хоин ором кутмаганида,
Номус биздан кетмаганида,
Кўкрак тутиб ўққа кетгаймиз.

Боғ кўрмадик кирганда боққа,
Доғ қўшилди доғ узра доққа,
Кўнгил лим-лим тўлган. Тўкмоққа
Ёшли қорачуққа кетгаймиз.

Қиш ортидан ўтар кўклам, ёз
Тополмасмиз. Кўнгли мослар оз,
Ўзимиздай ғарибга пешвоз
Биз тушмасмиз чўкка, кетгаймиз.

Умрнинг тонг, шомларида ҳам
Бутлансак деб чекдик озор, ғам.
Боламизнинг томларидан ҳам
Ўтаверар чакка, кетгаймиз.

Зарб ермиз, зарб тушириб ёвга,
Тирикликнинг ғами ҳам совға,
Дунёларга сиғмаган ғавғо,
Бир кун жим-жим, йўққа кетгаймиз.
1990 йил 13 март


ШУДГОРЛАНИБ ТЕКИСЛАНГАН ЭЛ

Ўтказмадик умрни ётиб,
Ё ўтириб, ўйларга ботиб.
Юрдик, ботиқ изларимизни
Шудгор қилиб текисладилар.

Ҳаммада-ку ҳар хил кўз, аён,
Бир хил қилмоқ шарт бўлди, баён.
Хиёл ўткир кўзларимизни
Шудгор қилиб текисладилар.

Минг дард чеккан ўзимиз силлиқ,
Минг тош теккан сўзимиз силлиқ,
Қирқ қиррали сўзларимизни
Шудгор қилиб текисладилар.

Бир хил бўлди бўйу энимиз,
Бир хил иймон, бир хил динимиз.
Хиёл тикроқ бошларимизни
Шудгор қилиб текисладилар.

Ортга боқиб сесканасан-ов,
Қани дов бош, қани иймон — дов.
Яйдоқ дала... Боқмас ҳатто ёв.
Шудгор қилиб текисладилар.

Мен мозийга қўрқиб қарайман,
Тошлар туриб кетадими деб,
Бошлар юриб кетадими деб,
Текисланиб кесилган бошлар.

Бари ўтди, ўтди қирғин, дор,
-•Букун кўзим ёшин килар сел.
Фикри ўзғир бир фарзандга зор
Шудгор қилиб текисланган эл.
1990 йил 7 сентябрь


ҚИЁМАТНИНГ ҚАТТИҚ ТОШИ, МЕН...

Мен азада, йиғланганда қон,
Бир яширин кулгу кўраман,
Қиёматдан белги кўраман.

Ҳалолу пок одамлар аро
Бир устомон тулки кўраман,
Қиёматдан белги кўраман.

Биров қон тупуриб топганин
Бировларнинг мулки кўраман,
Қиёматдан белги кўраман.

Портламоғи шарт бўлганида
Асабларни салқи кўраман,
Қиёматдан белги кўраман.

Бойи бойиб, фақири гадо,
Ўзгармаса хулқи, кўраман
Қиёматдан белги кўраман.

Шоир куйиб бўлганда адо
Тебранмаса халқи, кўраман,
Қиёматдан белги кўраман.

Қиёматнинг қаттиқ тошн, мен
Буларни, минг йилки, кўраман.
1986 йил 11 май


ҚИРҚАР КЎНГИЛ СИНИҒИ...

Бу учқур от олдидан
Отлар ўтаверсинлар,
Мағлуб-мағлуб бош эгиб
Мотлар ўтаверсинлар.

Томирда қон уютган,
Кўнгли ерни уй этган,
Кўк зарбларин унутган
Қанотлар ўтаверсинлар.

Чап бермасанг ўлмакка,
Сабаб кўпдир сўлмакка,
Тиниб, дўнган кўлмакка
Ҳаётлар ўтаверсинлар.

Ўз-ўзини зўрлаган,
Қалам бериб хўрлаган,
Номига минғирлаган
Баётлар ўтаверсинлар.

Кўрсангиз кўкайин Сиз,
Қайнотасиз, қайинсиз,
Етти пушти тайинсиз
Беёдлар ўтаверсинлар.

Кўнгил тўлганда яхга,
Кўкрагингни бер захга,
Ялтоқланиб тож-тахтга
Шодлар ўтаверсинлар.

Бордир бир катта йиғи,
Қирқар кўнгил синиғи,
Унгача ғам сўниғи,
Додлар ўтаверсинлар...

Бу учқур от олдидан
Отлар ўтаверсинлар...
1990 йил 13 апрель


ҲИМОЯ

Ҳимоясиз ўсади-ку майса, ўтлар,
Чаппар уриб куртак ёзар толлар, тутлар,
Бизни ўстирмаслик йўлин кимдир чўтлар,
Нечун одам муҳтож яшар ҳимояга?

Бирин бери, бирин нари, бўш кўрмас-ку,
Қурт-қумурсқа бир-бирига ниш урмас-ку,
Бир-бирини тепкиламас, қуш урмас-ку,
Нечун одам муҳтож яшар ҳимояга?

Дардим узун эди, тағин уладилар,
Ўзи яра кўкрагимни тиладилар,
Боғ-умримни кесиб саҳро қиладилар,
Етолмасдан ўлсам керак бир сояга.

Камга қўшиб бергувчи йўқ, мўл қирқилар,
Чўллаб, ютдим, — деганимда кўл қирқилар.
Етдим, етдим деганимда қўл қирқилар,
Етолмасдан ўлсам керак мен вояга.

Табиат хур. Одам жоҳил, хор яшайди,
Қилмишидан бошларида қор яшайди.
Қачонгача одам ўксук, зор яшайди,
Нечун одам муҳтож яшар ҳимояга?!

Алёр айтсам, алёрларим додга ўхшар,
Ғолиблигим мағлубликка, мотга ўхшар,
Ахир, гўдак — ўсаётган ўтга ўхшар,
Нечун одам муҳтож яшар ҳимояга?!
1986 йил 12 февраль


ШОИР НОМИ

Абдулла Ориповга

Бу дунё шу — биров номус, иймоним деб йиғларкан,
Биров ёшлар тўкиб мансаб, унвоним деб йиғларкан,
Биров халқим, ў, ранглари сомоним деб йиғларкан,
Мен сарғайма гўдакларни «полвоним»,— деб йиғларкан,
Ғамларини яширолмай тўккан ёшлар, оғажон.

Эсимда бор, Сенинг ошкор ҳужумларга ўтганинг,
Очиқ майдон «Маломатнинг тошлари»ни отганинг,
Ҳар бурчак, ҳар туйнуқдан тош қайтаверди изма-из,
Бўғизгача фисқу фасод тошларига ботганинг,
Ҳали-ҳануз оғритар-а теккан тошлар, оғажон.

Ўша пайтлар билмаганлар балки энди билгандир,
Нодираи даврон дормас, кўкрагингда ўлгандир,
Бу сирлардан балки Машраб Сени огоҳ қилгандир,
Ки, чин шоир хоҳ тахтда, хоҳ ғорда яшар, оғажон.
Боши дорга тикилгандир, дорда яшар, оғажон.

Қодирийнинг қонларини обдон ичиб тўйдилар,
Ҳануз билмам мен Усмонни отдиларми, сўйдилар,
Насимийнинг терисини шилиб, кўзин ўйдилар,
Энди билдим, нечун сенинг кўзинг кулмас, оғажон
Кўзларингда «халқим» деган сезим кулмас, оғажон.

Ўйлагандим, довул ўтди, довул тамом ўтмапти,
Бизнинг бу ғўр ўғлонларга бу шўришлар етмапти,
Ҳануз «оломон» бу халқда, халқ сезими битмапти,
Ўзган. Сойда оқиб кетган гўдак Бобур, Моҳимиз,
Энди ўлгунимча сўрар: «Не эди гуноҳимиз?»

Шундай. Турли ларзалардан тирилмоқда томирлар,
Мозийгаю руҳ ичига кирмоқда бир пок нурлар,
Ота Турон даштларида бош кўтарар ғурурлар,
Битта синмас ғурур Сенсан. Тилло оғам сен менинг,
Қодирийнинг ўрнин босган Абдулло оғам сен менинг.

Энди шундай. Курашларга белни маҳкам боғлармиз,
Дил топамиз. Айру-айру элни маҳкам боғлармиз,
Тўғон бўлиб элга келар селни маҳкам боғлармиз,
Тиклагаймиз халқни!
Кураш — ором бўлсин, оғажон,
Тиклолмасак шоир номи ҳаром бўлсин, оғажон!
1991 йил 5 апрель


БУ ОДАМ...

Бу шундайин одам, гапни гуллатар,
Мозийни ёқлайди. Ўткир, лочин кўз,
Аммо... ёнидаги дўстни қулатар,
Юз тубан қулайди ёнидаги дўст.
Чўлпонни, Усмонни «Сиз»лаб, тинмайди,
Мозийга меҳридан гуллайди бодом.
Аммо
Ёнидаги одам... ўсиб-унмайди,
Инфарктдан ўлади ёнидаги одам.
1987 йил 24 май

Биз ўтармиз. Эслар ул, қиз,
Бул асрдан қолгай шул из.
Шўрлик ўзбек. Шўрлик қиргиз.
Коқ ўртада ўлим йиелар!


УНУТГАННИНГ КУЙСИН ИККИ ДУНЁСИ
(«Ўш-Ўзган фарёди» дафтаридан)

Андижон шаҳар клиникасида ётган 16 яшар Акбарали бундай дейди: «Оиламиз, «Қуршоб» совхозига қарашли далаларда пиёз экарди. Тўрт хўжалиқда ўн саккиз киши эдик. Ўша 5 июнь куни биз тўқайга беркиндик. Ярим кечада яширинган жойимиздан чиқиб йўлга тушдик. Сой бўйига чиққанимизда бизни босқинчилар ушлаб олишди. Онамнинг қўлида икки ярим яшар укам бор эди. Ўша укамни онамнинг бағридан узишиб сойга отиб юборишди. Онамни ҳам сувга оқизишди. Уларнинг орқасидан отам, акам, ўзларини сувга отишди. Сувдан чиқиб қочгандик, улар бизни отишди. Оёқларимга ўқ тегиб йиқилдим... Онам билан синглимнинг ҳалигача дараги йўқ...
Газетадан.

Бало тоғу қир ошганин унутинг,
Бало бизга ёндошганин унутинг,
Қорачиқлар ўйиб олинганию
Қароқлардан қон тошганин унутинг,
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Тозаланиб, қизғиш гилам ёзилиб,
Қонли излар кетаверсин босилиб,
Лабларининг четларидан қон сизган
Болачалар тураверсин осилиб...
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Оёғи узилган мурда, от судрар,
Бир қўл ҳам йўқ, бурда-бурда, от судрар,
Фитна отган паҳлавонни, ё раббий, —
Боболар от сурган ерда от судрар...
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Онанг оқиб балиқ бўлди, Акбаржон,
Уканг оқиб балиқ бўлди, Акбаржон,
Энди қайдан бўлсин улар дараги,
Бу терс ҳукми холиқ бўлди, Акбаржон,
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Кетай десанг улар руҳин шод айлаб,
Сойга борма, бора кўрма ёд айлаб,
Жон болам-ов, жонбиз бўлай жонингта,
Чиқаверса қўш балиғинг дод айлаб!!!
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Турон жимжит. Сойи, тоғи чинқирар,
Ўш, Ўзганнинг беҳишт боғи чинқирар,
Онасининг қурсоғига санчилган
Тиғдан ўлган чақалоғи чинқирар,
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Ўтган ўтди. Бўлмас ортга қайтариб,
Фақат юрак зирқ-зирқ санчган пайтлари,
Бу яшинвор чинқириқли Туронда,
Мусулмондан тарқалганга айтарим:
«Унутганнинг куйсин икки дунёси!»
1990 йил 27 август


ТУМОР - ВАСИЯТИМНИ...

Қисматим шу. Текинхўр болаларга онаман,
Ётиб ерлар, ишлари чалаларга онаман.
Қадим Турон боғларин боғ сиёғи қолмаган,
Заҳаролуд ҳаволи далаларга онаман.

Ўта хоксорлиги ҳам ҳукмронлик сўрайди,
Ўта озғинлиги ҳам гумонларга ўрайди.
Ҳар фалокатдан аввал шунинг томи нурайди,
Тенг болалар ичинда «ола»ларга онаман.

Ҳарчандки куйиб ишлаб, етган жойи куйинди,
Офтоблари куйдиргич, кўкда ойи куйинди.
Жонигача қардошга тутган мўминтойларим
«Ўзбек иши»дайин тож, туҳмат тожин кийинди.

Болаларим, ў, бало йўлаб ўлдирилганлар,
Оғзидаги ошгача тўлаб ўлдирилганлар.
Оёқ-қўлида кишан, қамоқ. Итларга талош,
Ялаб ўлдирилганлар, талаб ўлдирилганлар!

Минглар кетиб қайтмоқда ортга юзлар, ўттизлар,
Қайтганларда кетган шон, ранги ўнгиб кўринар!
Қайтганни ҳам гоҳо ўз манқуртларим ўтқизар,
Тик туриб улгурмасдан умр сўнгги кўринар.

Етар! Етим-есирдан нидо чиқа бошларкан,
Бор-буди таланган эл гадо чиқа бошларкан.
«Зўрлаб, жонимизгача тортиб олар каззоблар,
Бу қандайин зулм», — деб садо чиқа бошларкан.

Энди эзилган элга осқинлар келаётир,
Пайт пойлаб, бало, қазо босқинлар келаётир.
Бу босқинлар оралаб, иймон келтирдим, ҳар чол,
Ҳар гўдакда бир Турон, тошқинлар келаётир.

Менинг-ку қисматим ҳал, минг бор тўлган бир жомман,
Гўдагим эмизаркан, бир тун, сўнг бор тўлгайман,
Жонига жойлагайман тумор васиятимни,
«Хоқоним, Турон сизнинг, олгайсиз», — деб ўлгайман.
1990 йил 30 август


ҲАР КУН ХАБАР...

Ҳар кун хабар,
бир совуқ,
Дилим, порам
йиғлайди.
Ўқ устига тегар ўқ,
Янги ярам йиғлайди.
Тўп-тўп қушларим
қурбон,
Кучим кўзимга етар.
Қўлим калта.
Қўлда йўқ,
Шахду чорам йиғлайди.
Мисли ярадор
шерман,
Юзлаб ўқдан ўлмаган.
Чиқмоғимга йўл
бермай
Қафас-қўрам
йиғлайди.
Азобларимдан не наф,
Сақлолмадим бир
кушни.
Улолмаган иймоним
Ўрам-ўрам
йиғлайди.
1990 йил 9 май


ТАРАФКАШЛИК

Ёруғ кунга қолганда бир он
Ҳақнинг юзи тупроққа ботди.
Чунки иғво келди ноаён,
Чунки фитна бурчакдан отди.

Сергак тортиб тўхтайман таққа,
Мен — кўкрагин ғам тилганники.
Мен — фарзандман тупроқ юз ҳаққа,
Мен — бурчакдан отилганники.
1990 йил 9 май


ЎШ-ЎЗГАННИНГ БОЛАЛАРИ

Мен бахтлиман десам бугун бу ёлғондир, ясамадир,
Тўмарисдан туёқман-у, тирноғига ўхшамадим.
Ўш-Узганнинг болалари бир-бирининг қонин ичди,
Мен одамдай яшайвердим, бўри бўлиб қақшамадим.

Турон юртнинг болалари бир-бирига тиш санчдилар,
Бир-бирининг курагига, юрагига ниш санчдилар.
Улар жон тақсим қаларкан, замонга қарғиш санчдилар,
Нечук султон болаларга чўри бўлиб яшамадим.

Энди нолам тинмас сўзлаб, узун нолам найга борар,
Энди нолам тез-тез бўзлаб, Олойга, тўқайга борар,
Энди осмон бўлганимда осмонлигим қайга борар,
Нечук султон болаларнинг ери бўлиб яшамадим.
1990 йил 12 ноябрь


АФСУС

Замон дардин чекмоқ бўлдим, чеколмадим,
Сўкилганни тикмоқ бўлдим, тиколмадим.
Минг юракни ишғол қилган бўлиб юриб,
Бировига бирорта сўз эколмадим.

Экканимда бу хил ниҳол унмас эди,
Ўч қиличи ичларида синмас эди.
Экканимда боболарнинг боши эгик,
Болалар йўл тополмай ўксинмас эди.

Эколмадим, эколмадик. Шундан диллар
Сўнмоқдадир. Сабабнинг минг тури чиқиб,
Шундан беқут ерларимиз унмай гуллар
Кўпчиб ётар манглайига шўри чиқиб.
1990 йил 4 сентябрь


БИЗ ЎТАРМИЗ. ЭСЛАР УЛ, ҚИЗ

Бу йўллар кўп чағир тошли,
Оёғим қон, кўзим ёшли.
Маним чеккан озоримдан
Чекиб озор, йўлим йиғлар.

Узатгани тошмас, аммо.
Берари ҳам фошмас аммо,
Бир-бирига ишонолмай
Ўнг қўлим, чап қўлим йиғлар.

О, она Шарқ, она Шарқ — сен,
Бугун фитна, қонга ғарқсен.
Меросхўрларим манқурт деб
Мозийдаги билим йиғлар.

Сардорларим бор деб эдим,
Сардорсиз юрт хор деб эдим,
Сардорлар-да бугун йўлсиз...
Оқилим, жоҳилим йиғлар.

Кўз ёш — гарчанд қон иси,
Қасос иси, исён иси,
Ҳар дил — бир ярадор арслон,
Кўкси тилим-тилим йиғлар.

Биз ўтармиз. Эслар ул, қиз,
Бул асрдан қолгай шул из.
Шўрлик ўзбек. Шўрлик қирғиз.
Қоқ ўртада ўлим йиғлар.
1990 йил 28 август


БИЗЛАР ОЖИЗ...

Биз қайда-ю, ҳақиқат — ҳаққа
Бағир очган осмон қаерда.
Шарпа сезсак тўхтаймиз таққа,
Юрагида арслон қаерда?

Ҳали узо-оқ, бизлар чўкиб тиз
Яшагаймиз, хоқон қаерда.
Тўниб, музлаб қолган қонимиз
Алмаштирмоққа қон қаерда?

Йў-ўқ!
Гарчанд кетмади шўримиз,
Очимиз оч, тўқимиз тўйган.
Бизлар ожиз она бўримиз
Болаларин одамлар сўйган...

Бугун дунёи дун тескари,
Бўриларни одамлар тишлар.
Сенга одам бўлиб ўсгани
Йўл қўймайди бугунги ишлар.

Кўз ёшимиз кетгандир қуриб,
Қон ювмоққа кўз ёш етмайди.
Боласининг қасосин бўри
Ўз гўрига олиб кетмайди.
1990 йил 30 август


ШУБҲА

«Туркистонда ўксик ўлмас қахрамон,
Ҳар қарич еринда ётар бир арслон».
Қадим турк мақоли.

Шубҳа фарзандига айланиб қолдим,
Бору йўкдигим ҳам баъзан гумондай.
Кўрган-кечирганим дарёга солдим,
Ўлсам айрилмасдан ўлай иймондан.

Ҳа,
Балки арслонлар ётса ётгандир,
Қоронғуни кутиб букир арслонлар...
Қўни-қўшнисига чанг солмоққа шай
Кўзларин ёғ босган сўқир арслонлар.

Турон тупроғига ҳидлашиб, ўпиб,
Ҳақиқий арслонлар тўшни боссалар,
Одам боласини қиймалаб, чопиб,
Ғажиб ўйнамасди қашқирбаччалар.
1990 йил 28 август


ТИШИМДАН ҚОН СИЗИБ...

Кузак ёмғирларин ивиб асрадим,
Сориғ япроқларни севиб асрадим,
Ғамларим яп-янги, ювиб асрадим,
Мени асрагувчи дил топиларми?

Борар жойим аниқ, олдинда йўл йўқ,
Кўрга ҳам бор, менга ойдинда йўл йўқ,
Менга оларда-ю, қайтимда йўл йўқ,
Оёғимга ортиқ ғул топиларми?

Афсус, зору нолон умрим ўтадир,
Бу юрт юз йилларки... олов, ўтдадир,
Ёққувчи қўл битта, гугурт биттадир,
Ўтни ўчирмоққа кул топиларми?

Фитна тиғ санчди тик, кўкси тоғларга,
Ит тегди сут ҳидли қизалоқларга.
Гўдаклар илинди тузоқ, чоҳларга,
Кўз ёшимиздан шўр кўл топиларми?

Ерга кирмоқ бор-у, парвоз этим йўқ,
Оналар ўлмоқда. Аммо етим йўқ,
Ҳайрон ўтим бор-у, исён ўтим йўқ,
Мендан бечорароқ қул топиларми?

Турон ухлар. Ўғил-қиздан сўрайман,
Бобо Темур босган издан сўрайман,
Тишимдан қон сизиб Сиздан сўрайман:
— Туронни турғазар ул топиларми?
1990 йил 28 август


ХАВОТИР

Олашақшақ, шақиллама, оларингни олдингми?
Ёки сенам биз сиёқли ғафлат босиб қолдингми?
Бу босқинни хабарини ҳеч йўқса сен бермадинг,
Ё бу қўпган қиёматда ўзни четга олдингми?

Мен ҳаммага ишонардим, ҳеч кимга тош отмасдим,
Бехосдан чавақлаш не кун, бехосдан уйғотмасдим,
Бош устимда ёнғоқ чақиб шақиллардинг туну кун,
Ҳатто Сенга ишонардим, ҳатто сенга ётмасдим.

Энди у ишонч кайдадир, ишонган кўз ўйилди,
Қари-қартанг, хотин-халаж тунлаб кўйдай сўйилди,
Рустам келбат ботирларнинг кули бўлди бир сиқим,
Осилганлар товонидан қайтадан ўт қўйилди!!!

Энди кимга ишонайин, олашакшақ, сенгами,
Енгган шундай каззобларча, номардларча енгами?
Энг камида Темур бўлар энди бу юрт эркаги,
Энди Тўмарис бўлади хотинларин энг ками.

Зоҳиран дўст, ботин — ёғий, сузиб юрмаяпсанми,
Хуфиёна минг хил шумлик тузиб юрмаяпсанми,
Кимлигинг айт, унингсиз ҳам ўт кетган бу дунёни
Бировларнинг қўли билан бузиб юрмаяпсанми?

Энди янги маломатлар тўқиб кетмасмикан деб,
Тузим ичиб, тузлиғимни тўкиб кетмасмикан деб,
Бугун кўкимдаги ҳар бир қуш, қузғундан хавфдаман,
Гўдакларим кўзларини чўқиб кетмасмикан деб.

Олашақшақ, шақиллама, кимлигингни аён эт...
1990 йил 14 сентябрь


САДО

Мен оҳ тортсам, оҳимга
Кимлар садо қайтарар?
Тарқалиб кетган тошлар,
Қумлар садо қайтарар.

«Овоз беринг, бормисиз?!»
Ваҳшат қичқириғимга
Бир томири қилт этмай
Жимлар садо қайтарар.

Ўш, Ўзганда ҳовлилар
Ҳар шарпадан сесканар,
Эгасиз қолган оту,
Кийимлар садо қайтарар.

Босқинчи тунда босди,
Отди. Чавақлаб осди.
Ҳўнграб йиғлаган шамол,
Қуюнлар садо қайтарар.

«Сиз тирикми эдингиз,
Ёвга нима дедингиз?»
Қабрлар, қабрчалар,
Уюмлар садо қайтарар...
1990 йил 4 сентябрь


БУ ЎЛИМ ҚАНДАЙ ЎЛИМ

Бу ўлим қандай ўлим?
Қорачуққа мил тортар,
Танҳо-танҳо қурбонмас,
Тўда-тўда эл тортар.
Кимга бўлар инониб.
Инониб тўкилгайсан.
Сувда оқиб ё ёниб,
Тўқайзорда ўлгайсан.
Ўлмай йиғлаб, ол, тўйиб
Йўқловчинг қолар ё йўқ,
Аканг қўярми сўйиб,
Уканг тортадими тиғ.
Бир тиллилар, бир-бирин
Тилин қирқиб, тепарлар,
Бир уйлилар уйининг
Ўрнида култепалар.
Бу уйлардан зорланиб
Осмонга ўт ўрлайди.
Бурчакларда бўрилар
Қизчаларни зўрлайди...
Ал-қасос-ул минал ҳақ —
Қазойи ҳақ олдинда!
Қонлар сачраб сесканар,
Уйғонар халқ олдинда!
Унгача, Бобо Темур,
Қўрқаман вақт ўтмаса,
Бир-бирин қонин ичиб
Манқурт, карахт ўтмаса.
Ғажишган бир тиллини
Гижгижлаб тахт ўтмаса!
Бу ўлим қандай ўлим —
Қорачуққа мил тортар...
1990 йил 27 август


ЧИМИЛДИҚҚА КИРМАГАНЛАР ЁР-ЁРИ

Истиқлол йўлида озмунча ўн гулидан бир гули очилмаган ёш йигитлар ўққа учдими... Кўқонда уйланмаган йигит ўлса, мурдани ювишаётганда унинг тенгқур ўртоқлари паст овозда ёр-ёр айтиб туришаркан.

Ўз уйини қурмай йигит, ўлмасин,
Қиз билан ўлтирмай йигит, ўлмасин,
Чимилдиқка кирмай йигит, ўлмасин,
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Сувалмаган уйи қолса бош эгиб,
Қавилмаган кўрпасига тош тегиб,
Оппоқ, куёв кўйлагига ёш тегиб,
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Ёр-ёр айтар экан тўрт-беш ўртоғи,
Болалиги, ёшлиги эш ўртоғи.
Алпомишсахт, Алпомиштўш ўртоғи
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Қадим Турон даштларида бир ёр
Уввос солар, дала ёр-ёр, қир ёр-ёр,
Оҳ, дунёни бузар, бир ўткир ёр
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Увлаб, маҳшаргача етса... эҳтимол,
Увлаб, тирикларни тутса эҳтимол.
Бизларни ҳам олиб кетса... эҳтимол,
Чимилдиққа кирмаганлар ёр-ёри...
1990 йил 9 май


ТЎМАРИСГА ИЛТИЖО

Тўмарис рақиби, қўшни қабила бошлиги Кирнинг бошини қонли хумга солади.  «Тириклигингда қонга тўймагандинг, энди тўш деб.

Жоним онам, сенсиз қуёш кулмас энди,
Уйғонмасанг, сен турмасанг бўлмас энди,
Бу кўру кар болаларинг силкитмасанг,
Авлодларга гапирмасанг бўлмас энди.

Мендан сўрма, менинг қўлим ожиз қолди,
Боғда ранги сориғ гулим ожиз қолди.
Қафасини синдиролмай қушим ожиз,
Кишанбандим — руҳим, қулим ожиз қолди.

Кечир, она! Гўдакларинг бериб қўйдик,
Чечаклардек, гуддекларинг бериб қўйдик.
Қулда ўз жонидан бошқа не бойлик бор.
Биздекларинг, қулдекларинг бериб қўйдик.

Она! Бугун бари фитна, ошкор ов йўқ,
Пистирмадан отадилар, ошкор ғов йўқ.
Ўз оғангдан, ўз инингдан топган кун бу,
Қонли хумга тиқай десанг ошкор ёв йўқ.

Малҳам керак кўп йиқилган эл доғига,
Турсанг...
Малҳам сел доғига, ел доғига.
Худо шоҳид бўлғусидир, иншооллоҳ,
Тўмариснинг ўлиги ҳам енгмоғига!
1990 йил 27 август


ЎТАМАН

Гарчанд битта юракка Оллоҳ бўлиб ўтаман,
Ваҳки, ғам саҳросидан бир оҳ бўлиб ўтаман.
Ёраб, ўйлабмидим мен, дунёи дун оралаб,
Шунча кўз ёш, қонларга гувоҳ бўлиб ўтаман.

Ўзбек, қирғиз, қироним бирлашмаса тил топиб,
Туркуларим қайта ўткирлашмаса тил топиб,
Бугун тўс-тўс Туроним бирлашмаса тил топиб,
Гумроҳ тортган қавм ичра гумроҳ бўлиб ўтаман
1990 йил 27 август


ЯРИМ КЎНГЛИМ

Ярим кўнглим ғамлар билан тўлгандай,
Бир бутун йўқ, камлар билан тўлгандай,
Элим ожиз шамлар билан тўлгандай,
Ғира-шира ним қоронғи даласи.

Бир сеҳрли дам туғилса элимда,
Бир хотири жам туғилса элимда,
Битта порлоқ шам туғилса элимда,
Кунгай ерда ўсгаймиди боласи.

Туғилсайди... биз оқ рўмол ўрардик,
Ўз пайтида ўзни таниб, сўрардик.
Олойдан тушган қашқирларни кўрардик,
Ангда қолиб тўкилмасдик чамаси.

Энди бир муз кириб ёзим, қишимга,
Яшагайман тишни босиб тишимга,
Энди ўлгунимча кирар тушимга
Қашқирларнинг қизчаларга ҳамласи.

Ў, кўнглим-а, у не истар, не излар?
Бу кунлар туш бўлиб, битса бор излар,
Одам бўлиб қолса қотил — тўнғизлар,
Қизалоқлар тирилиб, чой дамласа...
Ярим кўнглим
Ғамлар билан тўлгандай.
1990 йид 13 сентябрь


ЮКИ ОҒИР БУ ЮРТДА

Мени кимдир таниса каломимдан танийди,
Кўксимга қўйилган қўл, саломимдан танийди.
Юки оғир бу юртда она бўлмоқ кўп оғир,
Ҳорғин-ҳорғин изларим, қадамимдан танийди.

Гўдакларим тупроқда изғир экан зах ўтиб,
Қирққа кирмай қаридим, жон-жонимдан ях ўтиб,
Беқадр пиллам, тиллам, тупроқдан заққум ютиб,
Мендек эрта қуриган бодомимдан танийди.

Эгилган бошларимга туҳмат тожин кияркан,
Ўз манқуртларим гоҳо эл ризқини қияркан.
Кўклам кўрмаган гулим кузни кўриб куяркан,
Ич-ичимдан ўсган ўч, аламимдан танийди.

Мозийига эврилсам ҳар девондан шон томар,
Бугунида Орол йўқ. Ўрнида нишон томар,
Ўш, Ўзган ярасидан ҳали узо-оқ қон томар,
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаган қаламимдан танийди.
Юки оғир 6у юртда она бўлмоқ кўп оғир...
1990 йил 12 сентябрь


АЁЛНИ ҚУТҚАР

Ўзбекистонда 270 аёл ўзини-ўзи ёқибди. Бу аҳволда сочларнинг оқариб кетиши кам, ақлдан озиш мумкин.
Михаил Дудин.

Бу саройда аёл йўқми, меҳру-шафқат йўқ.
Парвина.

Ўтта сиғинардим, ногоҳ ҳушёр тортдим мен,
Ўз-ўзимга маломатдай юкни ортдим мен,
Кўзимдаги ўт-ку ёнмай қандоқ артдим мен —
Оҳ, жаҳолат, қора юзин кимга бурмоқда,
Меҳру-шафқат худолари ўтга кирмоқда.

Халқи учун Бедил бериб, Навоий бериб,
Ҳар ақлки ерлик эмас, самовий бериб,
Тирикликка тирикликнинг давомин бериб,
Нечун ўзин парвонадай ўтга урмоқда,
Меҳру-шафқат худолари ўтга кирмоқда.

Меҳру-шафқат бор эди-ю итлар қопди, ҳу,
Оҳудайин қочди, билмай қайга чопди, ҳу,
Ярасига малҳам қилиб олов ёпди, ҳу,
Ғофил дунё, алам тусин, алам сасин кўр,
Меҳру-шафқат худоларин алангасин кўр.

Дунё, қора кунинг келса итлар зўр бўлар,
Аммо бугун гўдаклар бор, улар ўр бўлар,
Эрта улар кўзин ўяр, итлар кўр бўлар,
Чирқирайман, бу кўрлардан қолма, — деб доғда,
Меҳру-шафқат худолари ўтга кирмоқда.

Шўринг кўпдир, шундоқ кун ҳам яйрайсан омон,
Ғофил одам, ҳолинг бу кун ёмондан-ёмон,
Қиёқ тилли ўт келмоқда илдизинг томон,
То ўзингга ўт етмасдан аёлни қутқар,
То дунёга ўт кетмасдан аёлни қутқар!
1988 йил 17 апрель


ХАЛҚИМГА ЁКИ ҲОЛАТ

Дарз кетмоқда ишончимнинг деразалари,
Кетмоқдасан бир-бировдан наридан-нари.
Мен нетайин бу дунёнинг кимхобу зарин,
Шунча тошни қисқагина йўлимга бердинг.

Нима дейин, номард дейми ё мардим дейми,
Кечмишингни дил-дилимдан ўткардим дейми,
Бахт қўшиғин аро йўдда биткардим дейми,
Минг хазонни ҳали ғунча гулимга бердинг.

Халқим, кўзга суртиб буғдой — сомонингни ҳам,
Оқлолмайман бугун яхши, ёмонингни ҳам.
Девордай зич қад кўтариб келганида дам,
Ўғлонларинг қутқормасдан ўлимга бердинг.

Чўлпон кетди онасининг ёдида куйдим,
Усмон кетди, Холамбиби «дод»ида куйдим.
Жисму жоним қирқим-қирқим, жодида куйдим,
Шунча ғамни бир муштипар дилимга бердинг.

Бир-бирингга бермай биринг-бирингдан юлдинг,
Бировингни қон қақшатиб бировинг кулдинг.
Гоҳо эрк деб, бахт дебмас, мол-дунё деб ўлдинг,
Бу саросар шеърни нечук тилимга бердинг.

Тўзғин элим, жону дилим, бирлашиб келгин,
«Ол, ҳа, ол»лаб чопавермай сирлашиб келгин.
Мингта ўтмас пичоқ бўлсанг қандоқ ўламан,
Ўнта тиғ бўл, тиғланиб, ўткирлашиб келгин.

«Отмагай тонг» эмас, орзу — шул, тонглар отгай,
Магаданда болаларинг чирқираб ётгай.
Иншооллоҳ, бул садолар бизни уйғотгай,
Йўқса, нечун бу қаламни қўлимга бердинг.
1990 йил 16 май


ЁЛҒИЗ ҚОЛДИРМА...

Кўкда ёлғиз ой йиғлаб кетар,
Ёлғиз Қуёш дил тиғлаб кетар.
Ваҳималар уруғлаб кетар,
Болам, мени ёлғиз қолдирма.

Мушфиққина қушим, маъюсим,
Бор туриши тўзғимас тўзим.
Ҳамон Сенга фармойиш сўзим,
Онам, мени ёлғиз қолдирма.

Жим-жим эдим, жайрон бўлдим мен,
Сим-сим эдим, сайрон бўлдим мен.
Сенинг билан комрон бўлдим мен.
Ёрим, мени ёлғиз қолдирма.

Равшан кеча, ёлғиз қолдирма,
Гавжум кўча, ёлғиз қолдирма.
Одам тоқ келади, кетар тоқ,
Ўшангача ёлғиз қолдирма.
1988 йил 8 ноябрь


СУВ УЗАТАР ТОМИРИМ...
(Амир Темур юбилейи кунларида ёзилган)

Тоғлар энгашиб келар,
Боғлар эргашиб келар,
Қушлар кенгашиб келар,
Рост бўлдими, бобожон,
Юртга қайтаётганинг!
Бизни кўзга илмаслар
Илиб қайтаётирлар,
Қадримизни билмаслар
Билиб қайтаётирлар,
Бизга қовоқ уйганлар
Кулиб қайтаётирлар,
Бўйларини бизга тенг
Қилиб қайтаётирлар.
Инсонни ҳам, элни ҳам
Тоғлари бўлсин экан.
Ҳар қандай кунда умид
Боғлари бўлсин экан.
Сен кетиб тоғсиз қолиб,
Изғиринда изғидик.
Япроқлардек бенажот
Поймол бўлдик, тўзғидик.
Ҳай дегани ҳажи йўқ
Болаларинг қирдилар.
Боши бирикмас, оғзи
Олаларинг қирдилар,
Териб-териб қирдилар,
Эриб-эриб қирдилар,
Сени кетказиб, туркни
Жон-жойига урдилар.
Шундай урдилар ҳануз
Ўзига келолмайди.
Тортилиб қолган тили
Сўзига келолмайди.
Кўз ёши кўкрагидан
Кўзига келолмайди.
Турк туёғи шу тахлит
Ботқоқларга ботибди.
Шундай кунда шоҳ Амир
Юртга қайтаётибди!..

Қайтар турк дарахтимга
Сув узатар томирим.
Энди кўкаражакмиз,
Гуллагаймиз, Амирим.
1991 йил 23 март


ТАНГРИМ, АЙТГИН...

Дунё сирли. Мен ўзимга аёнларни кўраман,
Лолу ҳайрон турфа-турфа баёнларни кўраман.
Тангрим, айтгин, яна қанча мен дўстман, деб эгилиб
Кўкрагимга нишин санчган чаёнларни кўраман.
Йўлларимда кунпаякун бўлажакман неча бор,
Неча қайта ўтиб бўлмас довонларни кўраман!
Қуръонга юзтубан тушиб, дод айладим, юз дод!
Яна қанча ўқиб бўлмас девонларни кўраман.
Кўра-кўра кўзим куйди сарғайган чечакларни,
Ёраб, яна қанча рўйи-сомонларни кўраман.
Онги беҳишт-жовидонларга яшарманми ёвуқ,
Яна қанча онги саҳро, ёбонларни кўраман.
Оби ёвғон тинкасини қуритган бу халқимни
Косасида тағин қанча ёвғонларни кўраман.
Мен узоқроқ яшармидим, гуллаб ўсмаса ёлғон,
Ҳар қадамда отар ёйдай ёлғонларни кўраман.
Ўз елкамни ўзим силаб, овутаман бундай деб,
«Ўлмай юрсам ҳали қанча давронларни кўраман».
Юрагимга разм солсам, зарб тегмаган ери йўқ
Ҳайҳот, боз зарб урмоққа шай гавронларни кўраман
1990 йил 13 ноябрь


АЙТМАЙ ҚАНДОҚ ЯШАЙМАН...

Мен ўйласам кесилган забонлар тилга киргай,
Дарёлари тўсилган замонлар тилга киргай,
Не-не жувонмарг қоши-камонлар тилга киргай,
Дилим ўт олиб турса айтмай қандоқ яшайман.

Улар ҳам ўтгунича топганларини айтиб,
Мендек дилгиру нолон чопганларини айтиб,
Не дарзу ёриқларни ёпганларини айтиб,
Тилимга солиб турса айтмай қандоқ яшайман.

Бир ёнимда Тўмарис деса «болам, ҳолинг танг»
Нафақат дала-тузинг, кўнглинг ичи тошу санг.
Бирён бугунгилардан кўнгли тўлмай Темурланг
Хаёлга толиб турса айтмай қандоқ яшайман.

Нетай, кечаю бугун тилмочлигини бериб,
Кўнглингиздаги тугун тилмочлигини бериб,
Тўқмас, аҳволи нигун тилмочлигини бериб,
Тинчимни олиб турса айтмай қандоқ яшайман.

Айтганимдан бошимга тошлар келмоқлигидай,
Бошим гаровга тикиб, фошлар келмоқлигидай,
Бошим кетиб, ўрнига қуёшлар келмоқлигидай,
Бир ишонч ғолиб турса, айтмоқ қандоқ яшайман.
1990 йил 8 январь


ҚАЙТИБ ОЛИНГАН ЕР БУ

Қуюқ ўрмон бўлди ғам,
Ўрмонларга хўш энди.
Кўнглимиз кийган кишан
Армонларга хўш энди.

Қилвир туллаклар берган,
Чилла чиллаклаб берган,
Халқни куллаклаб берган
Фармонларга хўш энди.

Ўқ кўтардик, санчилдик,
Юк кўтардик, янчилдик.
Туғ кўтарар пайт келди,
Руҳ, ўртага туш энди!

Бу туғ — туғмас, ўтмиш — дод,
Кўтармоқ учун озод
Элим, болаларингни
Бир-бирига қўш энди!

Қайтиб олинган ер — бу,
Мангу қолинган ер бу.
Шу ерда эрк шаробин
Этажакмиз нўш энди!
1991 йил 29 ноябрь


НАВРЎЗ ХАЁЛЛАРИ
(туркум)

1

Гоҳ ўрмаласа ҳам олдинга тикка
Туташиб кетганча қоронғиликка,
Гоҳ қопқонлик қилди ҳуркак кийикка
Ўзинг ёриштир бу йўлларни, Наврўз.

Булбул ўлди. Гул-чи ёнди, очилди,
Елларнинг бўйнидан қучди, осилди,
Бугун у ненидир сезди, босилди,
Гуноҳидан ўт, бу гулларни, Наврўз.

Бу қўлга қон теккан. Бу қўлни асти
Чопиб ташласак ҳам ҳаққи кетмасди.
Аммо... Балки зарур бировга дасти...
Ўзинг юв бу қонли қўлларни, Наврўз!

Кўклам гуллаб кетса тошу харсанг ҳам,
Кўклам гуллаб кетса қари-қартанг ҳам,
Бало-қазолардан энг хатарли дам
Ўзинг асра қизу-улларни, Наврўз!

Бу беморлар тонгни кутар мунғайиб,
Улар ҳам бой, кетган дард билан бойиб.
Суя, суя! Улар кетмасин тойиб,
Узма, узма жони қилларни, Наврўз!

БОШИНИ КЎП ЭГГАН БИР ЖОН

2

Наврўз, бағри тилинган гул,
Оёқ ости қилинган гул,
Япроқлари шилинган гул,
Бугун «омон» айта келдинг.

Синган бир сенмас, гул юзим,
Менам синдим. Синди сўзим,
Бугун ердан узиб ўзим
«Алёр, замон» айта келдим.

Наинки инсон қатағон,
Чордарвеш, девон қатағон,
Ақл қатағон, онг қатағон,
Сен ҳам кетиб, қайта келдинг.

Сумалакли қозонларинг
Ағдарилди азонлари,
Чиқиб чангинг, тўзонларинг
Фикримни улғайта келдинг.

Тўзиб, қайғу чеккан бир жон,
Ғурбатларга чўккан бир жон,
Бошини кўп эгган бир жон,
Бош кўтарган пайтда келдинг.

Кўкармоқда ҳар тўрт тараф,
Унмоқ шараф, ўсмоқ шараф!
Тош кўнгйлга эл тик қараб
Тош кўтарган пайтда келдинг.

Энди шундай қасос-ун-нард
Энди тинган, синган номард,
Элдан кетиб, фасоду, дард,
Ош кўтарган пайтда келдинг.
1988 йил 18 март

ЎСИШ ФАСЛИ ҚАЧОН КЕЛАДИ?

3

Бу нураш, 6у чўкиш фаслидир,
Изтироб, ғам чекиш фаслидир,
Бор дардингни тўкиш фаслидир,
Ўсиш фасли қачон келади?

Тил узайган. Гапирмоқ фасли,
Қулоғингга гап кирмоқ фасли,
Рўзғорингга наф кирмоқ фасли —
Ўсиш фасли қачон келади?

Кўзларимга ёш келди тез-тез,
Кўзим кўзлаб тош келди тез-тез,
Руҳим — эгик бош келди тез-тез,
Ўсиш фасли қачон келади?

Ноҳақ келиб ҳақларни қувди,
Қувлашиб пок сувлар келувди.
Нопок кириб оёғин ювди,
Ўсиш фасли қачон келади?

Бугуннинг бу ёзуғини буз,
Сен келдинг-у, ўсди дала-туз,
Одамларга ўзинг айт, Наврўз,
Ўсиш фасли қачон келади?
1987 йил 27 март


ЯССАВИЙНИНГ «ҲИКМАТ»ИНИ ЙЎҚОТГАН КУНДАГИ ҲОЛАТИМ

Мен — бенаво, чаҳ-чаҳидан айрилган,
Яссавийдай ҳамроҳидан айрилган,
Бор кувончи, бор оҳидан айрилган,
Тақир саҳро, қуриб қолган дил бўлдим.

Дардларимни териб тортаман симга,
Аросатда жон келмоқца ҳалқумга,
Яссавийни кимга олдирдим, кимга,
Авж пардада тилдан қолган тил бўлдим.

Иримчиман, йўлим боғлайди ирим,
То топмасам, ўз кўнглимга йўқ кирим.
Унинг билан кетган фикрат, шуурим,
Дод, минг додки, боз ғафлатга қул бўлдим.

У, кўнглим-а, хордир бугун, хор бўлган,
Ўз ғафлатим доим сиртмоқ, дор бўлган,
Яссавийнинг босмоғига зор бўлган
Кунпаякун тупроқ бўлдим, гил бўлдим.

Мен — бенаво, чаҳ-чаҳидан айрилган...
1991 йил 4 апрель


«НАЗОКАТНИНГ ДОСТОНИ»ДАН

Сиз келмадингиз, бегим,
Ёдим ёшни куйдирди.
Кетдим каддимни эгиб,
Додим тошни куйдирди.

Кетдим далли-девона,
Дўст тутиниб гумона.
Эрмакталаб тумонат
Ёлғиз бошни куйдирди.

Берганингиз жафони
Жонга олганим они
Ҳижроннинг дўл, тўфони
Бор қуёшни куйдирди.

Кўклам селин сўроғи,
Олча гулин сўроғи,
Ирмоқ тилин сўроғи,
Менга хазон кийдирди.

Хазон кийиб кетдим ман,
Тўзон кийиб кетдим ман,
Бу дунёга шунчалар
Арзон келиб кетдим ман.

Сиз келмадингиз, бегим...
1990 йил 5 май


ЭЪТИРОФ

Ношуд фарзанд бўлдим, унутган,
Йўқ ерлардан топиб юрган ғам,
Ахир она, Сиз билан ўтган
Ҳар бир куним эмасми байрам.

Ношуд она бўлдим, мен шеърга
Банди бўлдим, танҳо, ёввойи.
Ахир, болам Сен билан бирга
Ўтган ҳар кун бахт-ку, ғаройиб.

Ношуд аёл бўлдим мен Сизга
Бир мунглуғ чеҳрага ўхшадим.
Бош паноҳим, паноҳингизда
Энг шоҳ кунларимни яшадим.
1990 йил 5 май


УЛГИ

Тўмариснинг тароқлари йўқолган,
Учқур оти, яроқлари йўқолган,
Йўл кўрсатар чироқлари йўқолган,
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.

Бир улгусин Нодирами олганди,
Ул ҳам тушмиш, жаҳолатга бир банди.
Ҳўқанди латифнинг армон фарзанди...
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.

Бир улгусин босди энам Кенагас,
Даштларда ҳур ўсди энам Кенагас,
Кун келиб... қон қусди энам Кенагас,
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.

Собира*га бири теккани чоқда
Бир қиз эди, эл суянгулик — тоғдай.
Қамадилар. Ақлдан озди қамоқда,
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.

Қадим Турон даштлари нимқоронғи,
Қай бурчида пинҳон Тўмарис донғи.
Аммо улгуси теккан бор, инонгин!
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.

У сен бўлсанг, тангрим, ўткир кўз бергин,
У мен бўлсам, ўзлигим бер, ўз бергин.
Сўз бер, осон ўлмасликка сўз бергин,
Қоронғида пайпаслаб йўл излаймиз.
1988 йил 8 март


КАРОМАТ

Ҳарбий хизматга уйдан ўйнаб-кулиб чиқиб кетган халқимиз фарзандларининг «Юк-200» тамгаси остида, тобутларда уйларига қайтган фожиали кунларда ёзилган.

Кўнглимда кўнглимнинг минг синиғи бор,
Кўнглимда ғамларнинг ўткир тиғи бор.
Йиғи бор, олдинда катта йиғи бор,
Элнинг болалари ўлмас бекорга!

Обдон ювган билан ювиларми қон,
Қотилидан қочиб йўлга чиққан жон.
Тобутларда сарсон... армон-а, армон...
Бу болалар қони ёзилмас қорга.

Бу кун тинч денгиздай турсанг-да тек, жим
Қаърингдан ўкирик келмоқда, халқим.
Эртага бу жонсиз болалар қалқиб,
Жонли виждонларни тортажак дорга!
1990 йил 6 май


БОЛАЛАРИМ, ҚАДНИ КЎТАРИНГ!

Ўтган қора кунлардан ҳали-ҳануз карахтман,
Ҳар япроғи юракдай титраб турган дарахтман.
Шу ҳолда ҳам олдинга ташлангучи тик шахдман,
Болаларим, қадни кўтаринг!

Текинхўр аталдингиз, бу хўрлик мени еди,
Муштумзўр аталдингиз, бу зўрлик мени еди.
Бу карлик мени еди, бу кўрлик мени еди,
Бошимдан туҳматни кўтаринг!

Тушларимда Тўмарис юраклари узилиб,
«Туёқларим тўзди» деб йиғлайверар эзилиб,
Сўнг тонггача уйқу йўқ. Чап кўкракни тиғ тилиб,
Кўксимдан бу додни кўтаринг!

Бобо Темур уйқуда, Темурларим, Сиз туриб,
Қўзғолган етмиш икки томирларим, Сиз туриб,
Ишонган хоқонларим, амирларим, Сиз туриб,
Хокисор миллатни кўтаринг!

Қалбга экинг. Қадим турк чинорлари тиклансин,
Қон-қардошнинг чин дўсту, чин ёрлари тиклансин.
Ҳар юракда бир Турон минорлари тиклансин,
Улуғ мамлакатни кўтаринг!
1990 йил 12 сентябрь


ИЛТИЖОМ ШУ...

Худо, бандам десанг осий қулингни,
Ўзимдан пастларга интизор қилма.
Қилдай кўрсат йўлимдаги қилингни,
Қилларингни сиртмоқ қилма, дор қилма.

Йиғлаб айтган баёнларим етарли,
Тошдай кўнгли аёнларим етарли.
Рақибларим, чаёнларим етарли.
Оллоҳ, Оллоҳ, дўстларимни мор қилма.

Бир қўл суйди қизилини юзимни,
Кўзга суртди ҳорғин-ҳорғин изимни,
Кетар чоғим шу қўл ёпсин кўзимни.
Бошқа бахтдан энди бахтиёр қилма.

Ишқни гулдай осиб юрсин болалар,
Изимизни босиб юрсин болалар,
Бизларга муносиб юрсин болалар,
Алар ўтар йўлакларни қор қилма.

Дилда ўсиб, нураб юрган бойлигим,
Бор дунёдан сўраб юрган бойлигим,
Иймонимга ўраб юрган бойлигим,
Элимизни шафқатингга зор қилма.

Бор юмушим битиб, кетар маҳалим,
Нурай-нурай йитиб кетар маҳалим,
Сўрай-сўрай ўтиб кетар маҳалим
Илтижом шу: «Туркистонни хор қилма».
1992 йил 1 июль


МЕҲМОНДИР

Одам ўғли бу дунёга мехмондир.
Махтумқули.

Меҳмон эрур асли дунёда бари,
Ранги сориғ кузак бизга меҳмондир.
Юракка меҳмондир ғалаёнлари,
Тизингдаги мадор тизга меҳмондир.

Беш кунликдир бу дунёнинг ёруғи
Ерга тушгай бул кун кўкдаги туғи,
Кетмоқ учун кўрар йўл тадоригин
Қарға, қийғир дала, тузга меҳмондир.

Ғам келса ҳам қуйиб ичаберингиз,
Тириксиз-ку, суйиб ичаберингиз,
Тўзим тўнин кийиб ичаберингиз,
Ахир, кўзда жола кўзга меҳмондир.

Тилсиз бўлса ҳамки мунглиғ онангиз,
Санчаберманг кўксига тиғ, таънангиз
Унинг бағир, қўрғонида тунангиз,
Оҳ, бу қўрғон, болам, Сизга меҳмондир.

Гарчанд, бу кун булбулнинг бир туриман,
Эсаётган шамолнинг ҳур-ҳуриман,
Кетаётган оналарнинг бириман,
Маним аччиқ нолам Сизга меҳмондир...

Меҳмон эрур асли дунёда бари...
1992 йил 1 август


ПАРВАРДИГОР ПАНОҲ БЎЛСИН

Биров учун куймас биров,
Ўзинг учун ўл етим,
Саратонда чимдир қиров,
Совуқ қотар қўл, етим.

Бир беҳиштий дона ўзинг,
Ёлғиз бегона ўзинг,
Сен ўзингга она ўзинг,
Ўзинг ота бўл, етим.

Тўнда жияк, жиға йиғлар,
Бор армонни йиға йиғлар,
Йиғласа енгга йиғлар,
Кир енгчаси ҳўл етим.

Кўча-кўйда ўлмайди ит,
Тағин бир хато — қайди ит,
Ердаги сўгати дайди ит,
Сўнгги хато бўл, етим.

Гўдак, умринг бир тонг бўлсин,
Ташлаганга аттанг бўлсин.
Парвардигор паноҳ бўлсин,
Ўзинг катта бўл, етим.
1992 йил 8 август


ЭНГ ЁМОН КУНДАГИ ЭНГ ЯХШИ ТИЛАК

Эй ўғил, биз Сиза жонни ичирдик,
Қонимиз ичирдик, қонни ичирдик,
Воз кечдик, шуҳрату шонни ичирдик,
Қониб ичдингизки, чўлламагайсиз.

Умримиз жилғадай пойизда чопди,
Отларизда чопди, тойизда чопди.
Суннат тўйларизда, тўйизда чопди,
Жилғадай чопмасак... гулламагайсиз.

Дилнинг энг тубида етилган байтдек,
Сизни туморим деб, борим деб айтдик.
Биз-ку не ҳасратда Сизни улғайтдик,
Сиз биза ҳасратлар йўлламагайсиз.

Дунёда ишимиз сеҳру тилмочлик,
Сотқин замон келар, наҳс, яланғочлик.
Ҳарҳолда сулайтиб қўйса ҳам очлик,
Шўрлик онангизни пулламагайсиз!
1992 йил 12 январь


ТУРОН ТЎКИЛМАСИН, НАВРЎЗ!

Қори кетган боғлар бу кун тўлаётир қушларга,
Наврўз нони, сумалаги тағин тегди тишларга,
Менам ҳайрон ўтаётган яхши-ёмон ишларга
Зорим будир. Майли, сен кел, кулфат келмасин, Наврўз.

Тушларимда Моҳларойим — мендан хафа, кетарлар
Деб «Бу — не қиёмат қойим» — мендан хафа кетарлар.
«Болам, қон-ку маним жойим» — мендан хафа кетарлар,
Мен не дейин, олдини ол, қон тўкилмасин, Наврўз.

Нодираи даврондан мен ўзни қандай яширай,
Авж гуллар чоғ тупроқ тўлган кўзни қандай яширай.
Шу кўз деб ақлдан озган қизни қандай яширай,
Хўқанди Латифдай юртдан шон тўкилмасин, Наврўз.

Тўғри, ишчан қўлларинг бўш, сиғмайсан маконингга,
Ақлу имкон тоқат берсин ҳар бетоқат оништа.
Айтгил, шулар арзийдирми алмашмоққа жонингга,
Ахир қайта келмайдир-ку, жон тўкилмасин, Наврўз.

Бобо Темур, болаларинг қирса бири-бирини,
Дўст илдизин дўст қирқса, нодўстга бериб сирини.
Қачон аёл ноласи тарк этар Турон ерини,
Болаларинг бирлаштиргин, Турон тўкилмасин, Наврўз.

Гарчанд борлиғимни минг хил туйғу сўтиб боради,
Юрагимнинг туб-тубига бир нур ўтиб боради,
Моҳларойим... ортга қарай-қарай кетиб боради,
Боғлар қийғос гулга кирган, Қўқон тўкилмасин, Наврўз!
1990 йил 2 март


ДАРАХТ

Биров кўз тикканда тожу тахт кўринади,
Бировига қўли баланд бахт кўринади.
Мен кўз тиксам — менинг каби эрта энкайган,
Менинг каби мункайган дарахт кўринади.
Синчков боқсам бу дарахтнинг сумбати дарахт,
Ичи ғовак тугаётган сахт кўринади.
Томирини заҳарлаган келгинди сувлар,
Каллакланган бошлари карахт кўринади.
Ичим куяр... дарахтдами, ўзимдами ё
Қайта кўклаш саодати накд кўринади.
1992 йил 12 январь


ЎЗ ТОПГАН

Ағёри кўп дунёда
Битта содиқ дўст топгин.
Дардинг зиёд-зиёда,
Айтмоққа шарҳ, сўз топгин.

Қонлаб қирни, қиёни
Лолалансин товонинг.
Излаб, бу кўр дунёни
Кўрадиган кўз топгин.

Умр оқиб кетар об,
Кўзинг ёпар, бўлсанг соб.
Ёлғиз ўтма, ўғил топ,
Ё биргина киз топгин.

Тўқ тўймайди, ёпма тўн,
Оч олдида ошга дўн.
Очга бир кафттина ун
Ё бир сиқим туз топгин.

Ерга йиғла ҳолингни,
Кўкка йиғла ҳолингни.
Отингни сот, молингни,
Ёт кўп. Сен бир ўз топган.

Ўтар-кетар дунёда,
Тўзғиб ётар дунёда,
Олиб-сотар дунёда
Битта сотмас дўст топгин.
1992 йил 6 август


ОШИҚЛИК
(Яссавиёна)

Кулгу берма, бировлардан кулмай қолай,
Тўлдирмагил, дунёсидан тўлмай қолай,
Парвонадай ўлганимни билмай қолай,
Бир чироққа ошиқликни берсанг бўлди.

Овга чиқмам, чиқсам арслон овим менинг,
Бу — кўнглима худо солган довим менинг,
Шивир-шивир, висир-висир ёвим менинг,
Қўнғироққа ошиқликни берсанг бўлди.

Бу дунёда мен эскиман, кузим янги,
Сиёсатлар янги, айтар сўзим янги,
Саратонлар тишлайдиган музим янги,
Кетар чоққа ошиқликни берсанг бўлди.

Қўллаганни ҳатто қайғу-дод қўллайди,
Бир ишора билан мағлуб, мот қўллайди,
Баъзан не-не алп қўлламас, от қўллайди,
Арғумоққа ошиқликни берсанг бўлди.

Куйиб севдим, ишқ мевасин олдим қўлга,
Амринг билан жонлар ато этдим кулга,
Энди барча ишқни ол-у, битта гилга,
Бир тупроққа ошиқликни берсанг бўлди.

Бу беҳиштий дунёлардан мушксиз кетмай,
Қуламасин, кўксимдаги кўшксиз кетмай.
Қодир худо, чин дунёга ишқсиз кетмай,
Ўшал ёққа ошиқликни берсанг бўлди.
1996 йил 5 июнь


УМИД

Тўзган кунларингни кўп кўрдим, халқим,
Бузган кунларингни кўп кўрдим, халқим,
Узган кунларингни кўп кўрдим, халқим,
Ўстирган кунингни кўрармикинман?

Сочим супургидир ўринг-қирингга,
Фаҳмим етгаймукин бирор сирингга.
Қиёматга қолмай биринг-бирингга,
Дўст турган кунингни кўрармикинман?

Дил тўлиб борса ҳам доғ узра доққа,
Йиғлаб кўчирдим шу шеъримни оққа,
Бир-биринг оёқдан чалмай, оёққа
Бостирган кунингни кўрармикинман?

Оҳ уриб яшаркан қавмим гумроҳ деб,
Мени ўкинч-армон тугатмасдан еб,
Бир-биринг чапламай, бир-биринг «оқ» деб,
Ёздирган кунингни кўрармикинман?

Қандоқ адо бўлмай, ўтмайин куйиб,
Юрсанг ўзни қийиб, ёғийга ийиб,
Ўзинг топганингни Сен ўзинг кийиб,
Тўздирган кунингни кўрармикинман?

Бобонг-ку, қиличин сермади, енгди,
Бобонг-ку, орини бермади, енгди,
Бобонгдан болангни бир қадам энди
Ўздирган кунингни кўрармикинман?
1992 йил 6 август


БЕХАТО СЎЗ

Субҳоноллоҳ, томиримга туташмоқда ўт,
Жанглар аро жангари садо қилажакман.

Синиқ кўнглим минг бўлакдир, бўлмагайман бут,
Ҳақ йўлинда ўзимни гадо қилажакман.

Умрнинг интиҳосида учган руҳларни
Қайтараман, қайта ибтидо қилажакман.

Омонатин олгунича авлодларимга
«Бирлаш» деб ўз тилимда нидо қилажакман.

Эрк истаги уммонларда кўпни қилган ғарқ,
Менам унга жонимни ато қилажакман.

Ҳар сўзимдан хато излаб рақибим сарсон,
Мен қўрқаман, умримни хато қилажакман.

Хато қилмай айта олгум: қачон ўлсамам,
Шеър устида ўзимни адо қилажакман.
1992 йил 4 апрель


ИНШООЛЛОҲ...

Иншооллоҳ, бўлса умр вафоси,
Мен халқимнинг суянч тоғи бўлурман.
Нодиранинг қайта келган садоси,
Турк-Туроннинг қўнғироғи бўлурман.

Қўнғироқлар тинди тили кесилиб,
Баланд тоғлар синди бели кесилиб,
Турк дарахти синди эли кесилиб,
Қайта унган дов бутоғи бўлурман.

Шундайин сас, сазо келар олдиндан,
Қасрларим қуйилажак олтиндан,
Туркнинг тупроғига дўниб мен чиндан,
Ер юзининг кунгай ёғи бўлурман.

Кўнглим бўлур давронлардан ошувчи,
Шеърим бўлур ўлим билмас, яшовчан.
Яссавийни замонларга ташувчи,
Хизматкори, елка тоғи бўлурман.

Турк-Туроннинг қўнғироғи бўлурман.
1992 йил 6 август


СЎНГГИ ОҲ

Кўзи тиниб яшаб юрган бир одам,
Сўзи синиб яшаб юрган бир одам,
Чин ҳурликнинг кўкларида учмаган,
Ерда униб, яшаб юрган бир одам,
Бирдан, бирдан кўксим ёниб урдим оҳ,
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Қайинзорда қолгон бобом эсладим,
«Душманлиғи» ёлғон бобом эсладим,
Бир пой маҳси кийиб, бири қўлтиқда,
Сибирга йўл олғон бобом эсладим.
Кейин ўксиб йиғлайвердим, чекиб оҳ.
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Қирқ Ғироти, қирқ бияси таланди,
Қалъа, қўрғон, қир, қияси таланди,
Шўрлик энам — Урқияси таланди,
Сўнг бир сотқин: қўрғонида ёйди шох,
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Кейин отам, ғолибмиди, мотмиди,
Кейин онам, аёлмиди, отмиди,
Дод деб кетди. Менинг додим додмиди?
Наҳот, наҳот, ғойиб бўлди зиндон, чоҳ
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Ўртоқларим жони пўлат, жони қил,
Бири сариқ, бири камқон, бири сил,
Ҳали уз-оқ даволанар, узо-оқ йил,
Ўлмай қолса бўлди. Қайта бўлмас моҳ,
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Она элим, ер бағирлаб, чўккан эл,
Ҳосилини кўрмай, фақат эккан эл,
Худо назар қилган, назар теккан эл,
Тилларингдан учгаймикин сўнгги оҳ,
Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!
1992 йил 31 март


ТУРКИСТОННИНГ ОНАЛАРИНИ...

Ўн икки ой бирдай ишлайди,
Фақат ишлаб кўнгил хушлайди,
Иморатнинг лойин муштлайди,
Болаларин тишда тишлайди,
Гўдаклари тоқмас, қўшлайди
Туркистоннинг оналарини...

Ўғли Бобур Ҳинд сори босди,
Қайтармоққа етмади дасти,
Нодирасин жаҳолат осди,
Жаҳолатга бор эрур қасди.
Юрагини армон нишлайди
Туркистоннинг оналарини...

Машраб Балхда, дорда саланглар,
Усмон қах-қаҳ уриб, аланглар,
Ҳамзасини тилкалар санглар,
Тушлари ҳам аҳволин танглар,
Тушлари ҳам тошлаб, ғиштлайди
Туркистоннинг оналарини...

Амир Темур ёди ўстирар,
Кенагаснинг доди ўстирар,
Сиртмоқ, кунда, жоди ўстирар,
Яссавийнинг оти ўстирар,
Худо суяр, руҳлар ушлайди
Туркистоннинг оналарини...

Афғон мулки бўлди минглаб эр,
Ҳарбий кетган юзлаб йигит — ер,
Бир боланинг доғи қилар шер,
Қодир Оллоҳ, ўзинг тоқат бер,
Юрагида арслон қишлайди
Туркистоннинг оналарини...

Олгани шу элидан дуо,
Тиловати, селидан дуо,
Ҳар қўлловчи елидан дуо,
Қўлидан иш, тилидан дуо,
Бошидан оқ рўмол тушмайди
Туркистоннинг оналарини!
1992 йил 1 апрель


БУ ЭЛНИ ЖИМЛАР УЙҒОТАДИР

Бу авлодлар ғарибдан-ғариб,
Кўкрагингга тошлар ботадир.
Олов тополмайсан ахтариб,
Кўзларингга ёшлар ботадир.

Кўнглингда чанг, гард кўтарсангми,
Қийнаб гумон, дард кўтарсангми,
Пардаларни шарт кўтарсангми,
Яланғочлар, фошлар ботадир.

Туриб, қулаб ётган бек бекми,
Ичиб, «гуллаб» ётган бек бекми,
Борин пуллаб ётган бек бекми,
Фикрсиз, бўш бошлар ботадир.

Оҳ, бу элга кимлар қазди чоҳ,
Қайдандир бу саноқсиз гумроҳ,
Бугун бир порлоқ қуёш йўқ, оҳ,
Мозийда... қуёшлар ботадир.

Қай ҳофизга худо — сийму зар,
Қай шоири худобехабар,
Қай отинининг ботини ғар,
Бу элни кимлар уйғотадир?

Боболари юрт сўраб тўрда,
Болалари ўлгайму ерда?
Иншооллоҳ, бугунми-эрта,
Бу элни жимлар уйғотадир.
1992 йил 4 апрель


* * *

Отам, онам кўнгли йиғлаб, бўшаб ўтди,
Отам, онам ёғийга пар тўшаб ўтди.
Отам, онам тиз чўкканча яшаб ўтди,
Худо, энди мадорингни тизимга бер.

Кўкламларим талошларда талон бўлди,
Увуз этда куйдим, йиғи, ўлан бўлди,
Ёзим — балоғатга етган нолон бўлди,
Энди озод қўшиқларни кузимга бер!

Совий-совий музлаган дил музликларим,
Эрий бошлаб сўз очмоқда сўзликларим.
Қайтса қайтмас бўлиб кетган ўзликларим,
Турк, Туронни кўтармоқни ўзимга бер.
1992 йил 8 январь


* * *

Ошиқлиғда ҳеч ким Сизу биза етолмас,
Бир нигоҳдан бори аён сўза етолмас.

Кўклам ғўр қушчалар билан чулдирайверсин,
Дил топмоқда ҳеч ким маъюс куза етолмас.

Сунбуланинг тиниқлиги кўкламда нетсин,
Ҳеч ким бундай шифо, дала-туза етолмас.

Бош устида шийдам шохлар сирли мунгланиб,
Пойингизга сориғ гилам ёза етолмас.

Ҳеч ким мендек Сиза ҳар зум жон суви тутиб,
Умр бўйи елкасида кўза, етолмас.
1992 йил 8 январь


ДУНЁ КЕТАР СУРИНИБ...

Қораяркан босилиб
Қор йиғлайди, менимча.
Мард ўларкан осилиб
Дор йиғлайди, менимча.

Аёл йиғлаган элда
Ор йиғлайди, менимча.
Умиди оқиб селда
Бемор йиғлайди, менимча.

Ўнглайман, — деб шеър ёзиб
Куйдим, кулга айландим.
Ўт кетсин бу дунёси,
Пулга қулга айланди.

Аддов, ишрат, очилиб
Бораётган қиз дунё,
Йўқ, шу кетишда тошга
Урилгувчи — биз, дунё.

Дунё кетар суриниб
Бедор йиғлайди, менимча,
Қайтаргум, — деб уриниб
Бекор йиғлайди, менимча.
1992 йил 8 январь


ИЙМОН КЕЛГУНИЧА ЁЗГИН

Тунда ёзсанг, бўш келма, сен
Тонг келгунича ёзгин.
Рақибингнинг забонига
«Аттанг» келгунича ёзгин.
Суяги ҳам хоки туроб
Отанг келгунича ёзгин.
Ўтга тушгил бор ютуғу
Хатонг келгунича ёзгин.
Имконсизлик ер одамни,
Ерга кетгач ухлармиз.
То тириклик — имконимиз,
Имкон келгунича ёзгин.
Жилдир-жилдир қуриётган
Онг келгунича ёзгин.
Юрагингни туб-тубидан
Бонг келгунича ёзгин.
Мен демасман, давру даврон,
Шон келгунича ёзгин.
Мен дегайман, ёз, оғзингдан
Қон келгунича ёзгин.
То иймони қочган элга
Иймон келгунича ёзгин.
1992 йил 8 январь


ЁЛҒИЗ ОДАМ ИШОНЧИ

Мен бир ҳақиқатга бергандайман тан,
Бу ҳақдаги шубҳа менга ботмайди.
Тупроқ устидаги дўстни билмайман,
Тупроқ остидаги дўстим сотмайди.

Тирик дўстим ёзим, қишимга кириб,
Мени ўтга отиб ёқар, совутар.
Ўлган дўстим... тунлар тушимга кириб
Тонггача кўнглимни овлаб, овутар...

Баъзан... ёлғиз қолсам... кетмоққа шайман,
Мени унутмагин, менга йўлинг бер.
Сен қанча қўлласанг, шунча яшайман,
Тупроқ остидаги дўстим, қўлинг бер!
1992 йил 10 январь


* * *

Худоданми, бандадан,
Одамдан, даррандадан,
Дўст топаман, бериб тан,
Сўзлайди илон манга.

Белим боғласам сириб,
Селни олурман буриб,
Қашқирлар тумшуқ суриб,
Йиғлайди нолон манга.

Суйдим, жон билан суйдим,
Ўт-ла қовушдим, куйдим,
Тўзмас либосин кийдим,
Келаверар шон манга.

Қон — ёруғлик, ман ҳориб,
Руҳни қон билан қориб,
Куйласам, бўғзим ёриб,
Отиладир қон манга.

Ман сафарга чиқар дам,
Ошиқ Юнус берур шам:
«Ман қуш тилин билурам,
Сўйлар Сулаймон манга».
1992 йил 7 январь


ЙИҒЛАДИМ, ХУДОЖОН

Йиғладим, художон, караминг кенгдир,
Бир интиқ сўзимни бер деб йиғладим.
Бағрим қоқ, қақраган заминга тенгдир,
Бир кўкат бер, битта шеър деб йиғладим.

Заҳардан сув ичган тупроқ ўлгандир,
Одам қуриб, чўккан, хўпроқ ўлгандир.
Ўлмагани мендан кўпроқ ўлгандир,
Битта қарич тоза ер деб йиғладим.

Туркий қавм бир-бирин қириб-у қийиб,
Яшаркан, юрмайми хазонлиғ кийиб.
Бу дардлардан гўрда ётаркан куйиб,
Бобо Темур нима дер деб йиғладим.

Ёнимда, қонимда у келмакдадир,
Балки оғироёқ келинчакдадир.
Ҳар қалай эл қони қачон тўхтади —
Келиб ғамимизни ер деб йиғладим.

Оллоҳга ёлвориб, бир мунглиғ хаёл,
Халқим деб йиғладим қаддим бўлиб дол.
Халққа Тўмарисдай бир ёвқур аёл,
Халққа Темурдай бир эр деб йиғладим.

Йиғладим, художон, караминг кенгдир...
1992 йил 7 январь


ҲАММАДАН КУЙИНГАНИМ...

Оҳ, қўрқаман жон-жонимдан меҳнат ўтиб кетмаса,
Кутавериб соб бўлиб, заҳмат ўтиб кетмаса.
Томчисига зор бўлиб ўтиб бормоқдаман, оҳ,
Кўрмай ёнимдан обираҳмат ўтиб кетмаса.

Мажнунтолдай эгилиб, қолавериб мен ортда,
Оддга тушиб пилдираб туҳмат ўтиб кетмаса.
Ҳаммадан куйинганим, бир муҳлатга келганман,
Бош кўтаргунимча шу муҳлат ўтиб кетмаса...
1992 йил 9 январь


* * *

Гарчанд ўтган умр ўтди, кўриб кенглигу танглиғ,
Ҳамон ҳар қултум сувни умид билан ичамиз.
Ҳар кундузимиз келгай толе манзили янглиғ,
Қадр кечаси бўлғай кечувчи ҳар кечамиз.

Кеча қўлимиз олғон дўстлар кўпроқ эдилар,
Бу ёлғон дунёсидан ўтиб кетди нечамиз.
Бори дўстлар бирма-бир созлаётир кемасин,
Биров тун, биров тонгда бу даргоҳдан кўчамиз.

Ҳар биримиздан бир эл қолаётир, чамаси,
Биздан кейин бундан-да гавжум бўлар кўчамиз.
1992 йил 9 январь


ҒАМИМ СИЗДАН МЕРОС

Ғамим Сиздан мерос, Нодираи даврон,
Шамим Сиздан мерос, Нодираи даврон,
Камим Сиздан мерос, Нодираи даврон,
Менам тўлдиролмай ўтаётибман.

Кўнглимга қадимий зорлар ёғадир,
Солланиб сиртмоқлар, дорлар ёғадир,
Ўтимга дамодам қорлар ёғадир,
Менам ёнолмасдан тутаётибман.

Инсофни энг аввал ўзимга тилаб,
Тўзимни тўймаган кўзимга тилаб,
Келмаган шоҳона кезимга тилаб,
Менам ўз-ўзимни бутаётибман.

Сиз-ла ғамдош тушсак, дўст тушсак керак,
Оқ сочларимизни ўришсак керак,
Моҳларойим, тезда кўришсак керак,
Менам йўл сўнгига етаётибман.

Менда ҳам Сиздаги илоҳий ор бор,
Менда ҳам Сиздаги ғаним бор, мор бор,
Демакки, олдимда тахтми ё дор бор,
Менам олдингизга кетаётибман.
1992 йил 10 январь


ТУРКНИНГ КЎЗИ...

Ғамсиз тупроқ йўқдир бироқ,
Турк тупроғи ғамлироқ.
Кўзлар ичра... синчиклаб боқ,
Туркнинг кўзи намлироқ.

Нигоҳлари гарчанд тонгги,
Устивор бахт, ободи,
Туб-тубида янграр мангу
Яссавийнинг фарёди.

Ҳалол дўстга дўст турамиз,
Шаймиз каму кўстига.
Қизил гуллар ўстирамиз
Қайғумизнинг устида.

Ўзимизнинг бўлар албат
Ғамангиз бахт, шонимиз.
Қонимиз-ла қайта-қайта
Ювган Туркистонимиз.
1991 йил 4 май


ИЛТИЖО

Боқдим, бош устимда саланглади дор,
Боқдим, ичи куйиб йиғлайверди ор.
Бокдим, ич-ичимга урди қуюн, қор,
Худойим, дилимга подшоҳлик бер!

Томир-томирлари чирт-чирт узилиб,
Майиб-мажруҳлиги тамом сезилиб,
Қолганда дод, дедим, кўнглим бузилиб,
Худойим, тилимга подшоҳлик бер!

Силкиндим, қадим Турк лошин кўтардим,
Ғанимнинг бостирган тошин кўтардим,
Улимнинг эгилган бошин кўтардим,
Худойим, улимга подшоҳлик бер!

Ўйларман, мен кимнинг урвоғи, мен ким,
Тилимни ўлим ҳам қилолмагай жим,
Сўйларман гўримни босганда ҳам чим:
«Худойим, элимга подшоҳлик бер».
1992 йил 7 январь


БИТТА МУШТГА АЙЛАНМАЙ

Олтовлон ола бўлиб олдирган халқ меники,
Гоҳ ичда заҳар, тилда бол турган халқ меники,
Тиғ тортиб ўз отасин ўлдирган халқ меники,
Ёраб, қай аждодимнинг қўли кир деб йиғладим.

Ўзи ўз ўзагини узган лаҳзаларида,
Қиблагоҳин гўрини бузган лаҳзаларида,
Фарғонада тўзондай тўзган лаҳзаларида,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.

Бирлашмадинг, Қўқон-у Ўзган бўлдинг, Ўш бўлдинг,
Фитна пичоқларида талош лахта тўш бўлдинг,
Куёв-келин бўлмасдан қўш мозор-а, қўш бўлдинг,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.

Бирлашмадинг, кетма-кет бало келди, ўт келди,
Тоғдай йигитни солиб, лопиллаб тобут келди,
Сув бўлиб оқдик, кўздан жола келди, ҳут келди,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.

Шукур, бугун озод сен, аммо тарқоқ сен, ёт сен,
Тарқоқми сен, инонки азал-абад барбодсен.
Жўровоз бўлолмасанг, якка-якка мунг, додсен,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.

Карвон жилсин, сарбонинг сари эниб кел, элим,
Бир боғ сари чуғурлаб, қушга дўниб кел, элим,
Оллоҳ дилда. Оллоҳга, ҳаққа кўниб кел, элим,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.

Битта муштга айланмай, биз дастмиз ёлғиз-ёлғиз,
Тўзим косаси янглиғ, тўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз,
Турку Турон тиклангай, ўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.
1991 йил, сентябрь


БУГУН ХАЛҚҚА НЕ КЕРАКДИР...

Бугун халққа не керакдир,
Чуқур англар онг керак.
Гўдаклари эртанги кун
Таратажак донг керак.
Гарчанд ҳар кун юки ортар
Аробаси дилни ўртар,
Отни тинмай олдга тортар
Бир ёвқур султон керак.
Бор кўнгил, чил-чил, керакдир,
Бор узилган қил керак.
Бор кесилган тил керақдир —
Бор бутун иймон керак.
То Туронзаминда халқ бор,
Ўлмагай ор, ўлмагай ор.
Жон эмас, эркка талабгор
Эрк учун қурбон керак.
Тилларидан учмагай оҳ,
Кул-кул бўлур зиндону чоҳ,
Фақат бор халққа бир Оллоҳ,
Биттадан Қуръон керак.
1988 йил 18 февраль


ҚИЗИЛ ТОШЛАР

Хотирамнинг йўлига чиқсам,
Қизил тошлар ўтаверади.
Қони чак-чак томиб ерларга,
Кесик бошлар ўтаверади.

Бошлар билан ора бир қадам,
Бошсиз танлар хунук саланглар.
Суғурилган тиллар орқада
Илонлардай сапчир биланглаб.

Тўрт мучаси бутун ҳам бордай,
Фақат бежо, жунунвор кўзи.
Бири Чўлпонгами ўхшардай,
Бири Усмон, Усмоннинг ўзи...

Кир, беқасам тўнин итқитиб
Гоҳ йиғлар у, гоҳ гуллаб кулар.
Бирдан... не бор селдай йиқитиб
Бир кўча қон шовуллаб келар.

Қизаради юлғун, шўралар,
Қизил тошлар қизиб чинқирар.
Бир фиғон бу тошлар оралаб
Бор дунёни бузиб чинқирар.

Умримнинг тун, кечаларидан,
Уйқу билмай ўтсам қанийди.
Хотирамнинг кўчаларида
Қон исидан кўнглим айнийди...

Тузум, Сенинг ёқангда қўлим.
Кундузлар ҳам чўчиб мизғийман.
То келгунча халоскор ўлим
Хотирам чўлида изғийман.
1992 йил 6 август


БИР КУН ҒОВ ЙЎҚ ЙЎЛИМГА

Айтманг дейман, гап уқмас,
Гуллар келиб айтади.
Эгри из босилганин
Йўллар келиб айтади.
Сўзламасдай туюлган,
Сезилмасдай туюлган,
Менга мослаб қуюлган
Ғуллар келиб айтади.
Орқамда тираб наган,
«Ҳолин кўрамиз» деган,
Олдимда титрайдиган
Қўллар келиб айтади.
Қай бой менга ғам бичган,
Қутурган итин ечган,
Нону тузумни ичган
Қуллар келиб айтади.
Бир кун... ғов йўқ йўлимга,
Кетарканмиз ўлимга
Кул қилмишин кулимга
Куллар келиб айтади.
1992 йил 7 август


ЎХШАР

Ситлим Раҳимахонга

Дунёнинг бор идиши ярим,
Менинг ярим кўнглимга ўхшар.
Ўйчан, суюк дала гуллари
Рангпаргина синглимга ўхшар.

Авж ўсар чоғ дўл эгган гуллар,
Очилмасдан тиғ теккан гуллар,
Қор остида жунжиккан гуллар,
Ул кўзлари мунглимга ўхшар.

Ота кетди увуз этида,
Она кетди увуз этида.
Алар ўтди. Ғамлар ўтмайди,
Кўнгли сўзон, сим-симга ўхшар.

Мен ишонган бор бойлик, зарим,
Шул мунглимга толе бер, карим.
Гарчанд дунё қувончи ярим,
Қайғулари лим-лимга ўхшар.
1992 йил 8 август


СЕН ҚОЛАРСАН...

Дунё, бўлма кўп дарғазаб,
Сен қоларсан, биз кетармиз.
Боғларингни кўклаб, безаб,
Сен қоларсан, биз кетармиз.

Меҳмондирмиз тўрт-беш кунлик,
Кўзи шодон, кўнгли мунглик.
Қилгин тенглик, қилгин кенглик,
Сен қоларсан, биз кетармиз.

Сен бевафо, бизлар ҳориб,
Бир кун қаро ерга бориб
Дард айтамиз, кўнгил ёриб,
Сен қоларсан, биз кетармиз.

Кўнглимиз, кўнглимиз достон,
Кўнглимиз гул. Кўнглимиз қон,
Бир сиримиз ололмасдан,
Сен қоларсан, биз кетармиз.
1992 йил 4 апрель

СЕНДАН ОЛДИН...

Мен беҳисоб дунёсини
Бошга урай Сен бўлмасанг.
Эгнимнинг шоҳ либосини
Тошга урай Сен бўлмасанг.
Сен кўзим устида юрсанг,
Майса бўлсин кипригим.
Мен ўзимни қайси тоқат,
Бардошга урай Сен бўлмасанг.
Кенг жаҳона сиғмаюрман,
Жаҳон менга тангу тор,
Мен ўзимни қай Намангон,
Ўшга урай Сен бўлмасанг.
Гул қўшини, дил қўшини,
Бу оламда қўшин кўп.
Мен ўзимни қай бегона
Қўшга урай Сен бўлмасанг.
Қаро ерга кетар бўлсанг,
Айт, мен олдинроқ кетай.
Бу юргисиз дунёсида
Қандоқ юрай Сен бўлмасанг.
1992 йил 2 апрель


КУЛИМ КУЛАР, ЭҲТИМОЛ..

Мен йиғладим, кун келиб
Гулим кулар, эҳтимол.
Зардоб тўла кўкайим —
Қулим кулар, эҳтимол.

Йўқотдим сўз уюмин,
Энг биллур, энг суюмин,
Тиксам жулдур кийимин,
Тилим кулар, эҳтимол.

Қат-қат ярадор тизим,
О, эрк, беҳиштий сезим.
Тиз чўкмай ўсса қизим,
Улим кулар, эҳтимол.

Ўзим ўтган кезларим,
Сўзим ўтган кезларим,
Қолдирган қон изларим,
Йўлим кулар эҳтимол.

Кўнгил кўрмай йириклик,
Ишим — ғамга шериклик,
Кулмай ўтгач тириклик,
Ўлим кулар, эҳтимол.

Онам сочим ўрмади,
Тақдир келди бурмали.
Кўнглим қувонч кўрмади,
Кулим кулар, эҳтимол.
1992 йил 6 август


КЎРИБ ЁЗДИМ

Мен йўл кўрмай, ёзмам ҳали,
Ёзаримиз кўриб, ёздим.
Авжи қизиб бораётган
Бозоримиз кўриб ёздим.

Ҳали гул бўламиз қанча,
Қуриб, кул бўламиз қанча,
Кўксимизга тегар ўқлар,
Озоримиз кўриб ёздим.

Эй рақибим, суриб ётар,
Кун ҳам ботар, ой ҳам ботар,
Бир кун туркни қўриб ётар
Мозоримиз кўриб ёздим.
1992 йил 1 август


БЎЗЛАЁТГАН ЖОНИМ ҚУШИ...

Сел, ел тинар, маним нолам тинармукин,
Ва ё нолам фақат ўзни тирнармукин.

Шўр сувлардан шўрроқ кўзим ёшларидан
Ер суғорсам, бирор гиёҳ унармукин?

Бир ёруғ кун кўрарманми бу дунёда,
Ё дун ҳануз иродамни синармукин.

Ё дунёнинг бор олғири ҳануз яшнаб,
Камбағалнинг йиртиқ тўнин тунармукин.

Хднуз етим гўдак «нон» деб йиғлаганда
Қўлчасига қаттиқ тошлар қўнармукин

Болалари воз кечганлар йиқилмасму,
Даврон аларга ҳам асо йўнармукин.

Оналари воз кечганлар... меҳр кўрмай,
Оҳ, қўрқаман, бўриларга дўнармукин.

Одамзоднинг ё қиёмат куни яқин
Келар чоғда шуур шундай сўнармукин?

Нақ бўғзимда бўзлаётир жоним қуши,
Қақшаб «Бас қил» дейман, қушим кўнармукин?
1988 йил 18 март


ЭЛНИНГ ҚАРО КЕЧАЛАРИДА

Сув зилол деб қилган даъватим
Тақир ерга сингиб йўқолар,
Мард аёл деб қилган даъватим
Мижғов эрга сингиб йўқолар.
Болаларга қиларкан даъват,
Зарга уриб кетар болалар.
Китоб қолар, талашиб сават,
Бозорга уриб кетар болалар.
Озғин терак ғамлардан тўйган,
Ерга сориғ гилам тўшайди.
Отасини ўлдириб қўйган
Ўғил ақлдан озмай яшайди...
Озод қизи, учирган қуши
Фаҳшхонага бориб қўнади.
Лабларини қонатар тиши,
Лабин ғажиб... Она... кўнади...
Мен кўнмайман, тирик ўламан
Тентиб бефайз кўчаларида,
Йиғлаб бодомқовоқ бўламан
Элнинг қаро кечаларида...
1990 йил 3 август


БУ ШОВҚИНЗОР ОРАЛАБ

Кўнглимда чопаётган
Соатларнинг шовқини.
Кўнглимда тош-тош қотган
Тоқатларнинг шовқини.

Сувга айтиб тушларни,
Ўзни сокин ушларман.
Кўнглимда бир қушларнинг,
Бир отларнинг шовқини.

Кеч келди эл азони,
Аёл элнинг арзони,
Ўзи хазон-у, жони
Пўлотларнинг шовқини.

Ғам дарёсига ботган,
Заҳар тотгани тотган,
Хар куни синаётган
Қанотларнинг шовқини.

Ҳеч ким сезмай қолади
Бир кун аршга етганим,
Бу шовқинзор оралаб
Додлаб ўтиб кетганим.
1992 йил 5 август


БОЛАЛАР АНГЛАР

Курагимда тиғ изи — азоб,
Товонимда мих изи — азоб.
Йиқилмайман юзтубан, чунки
Юрагимда туғ изи — гулоб.
Чунки менам қасам ичувдим
Ёв ортимдан ханжарин сунгач,
Қўлимни ёв қонида ювдим
Тўмарисга сарбоз тутингач.
Туғ асраган юрагим додлар,
Қўлларимни қасос қонлаган.
Чунки Туронзаминда ётлар
Молларини хўп арқонлаган.
Туркнинг қири, қиёқларини
Жаннат чечагидай иси бор.
У молларнинг туёқларини
Елкамизда ўйиқ изи бор.
То яшаркан ўйилган бонглар,
То яшаркан сўйилган бонглар,
Қандай яшаш кераклигини
Болалар англар!
Мени эса...
Курагимда тиғ изи — азоб,
Юрагимда туғ изи — гулоб...
1992 йил 4 август


КИЙИКДАЙ БУ ҚИЗ ЖОН ОЗУҒИ

Овози ҳам кўзидан келар.
Г. Лорка.

Овози ҳам кўзидан келар —
Хуштаъмлиги сўзидан келар,
Кетди деманг кетган онани,
Келаётган қизидан келар.

Келар тиниқ бир сувлар ҳали,
Сирли, ширин ғулувлар ҳали,
Ман-ман деган сулувлар ҳали
Бу қизчанинг тизидан келар.

Тутқич бермас кийик — ишқ, овда,
Илдизлари улкан, тик товда,
Ёнавермас ҳар хил оловда,
Сокинлиги музидан келар.

Кийикдай бу қиз жон озуғи,
Бир Мажнуни нолон озуғи,
Манглайи шўр бўлмас, ёзуғи
Ўзи сепган тузидан келар.
1992 йил 4 август


* * *

Нимадир бу, кетаётган нимадир,
Қолаётган саробдир, жимжимадир.

Кетгунича ҳеч ким ғамин емади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.

Энди сувлар фарёдимни кўмади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.

Бу тупроқлар кўз ёшимни шимади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.

Тушунмас, — дедими, бир сўз демади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.

Қанча ялинмайин қайтиб кемади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.

Бир кун кўзимни шу армон юмади,
Кетаётган — тил ўтирган кемадир.
1990 йил 15 апрель


ҲЕЧ НА ЁНМАС БУ ОЛАМДА

Ҳеч на ёнмас бу оламда,
Ёнса доғли дилим ёнгай.
Туз қоплаган, шўр даламда
Унмаган ҳосилим ёнгай.

Ғамларим — ёш, қаритмайди,
Маним дардим аритмайди,
Маҳкамалар киритмайди,
Эшигида тилим ёнгай.

Отасиз — «бир кўзли етим»,
Онасин ҳам билмайман ким,
Икки кўзсиз етимларни
Кўтаролмай қўлим ёнгай.

Ипак, олтин, ҳеч беармон
Кетган, кетар карвон-карвон,
Бир карвонни тўхтатолмай
Узун ИПАК ЙУЛИМ ёнгай.

Онги занглаб, онги қуриб,
Жаҳолатга ёвуқ юриб,
Бир кўйлак деб гул келинчак
Ўзин ёқар... ўлим ёнгай!

Эй аҳли юрт!
Тингланг, етса!
Бу ёнишлар давом этса,
Бир кун улкан ёнғин содир,
Оҳ, қўрқаман, элим ёнгай!
1988 йил 10 февраль


ЙИҒЛАМАЙМИЗ...

Йиғламаймиз, чор атрофда
Қуриб боғлар йиғлагай,
Пешонасин тупроқлара
Уриб боғлар йиғлагай.

Одам кетар бир-биридан,
Одам суймас бир-бирин.
Бир-бирининг пинжларига
Кириб боғлар йиғлагай.

Сўзим синар сўзга тегиб,
Кўнглим синар музга тегиб,
Оппоқ тўши тузга тегиб
Оқ чарлоқлар йиғлагай.

Кўкси ерлар биз бўлдиг-у,
Ўксиб ерлар биз бўлдик.
Ер остида Широқ, Темур,
Кўкси тоғлар йиғлагай.

Бизни кўриб эгик бошу,
Шонсиз, тағин забонсиз,
Ерда ўтган бор илдизу,
Бор бутоқлар йиғлагай.

«Бой ҳам бўлдинг бийдай-бийдай
Фақат... юрт эгасиз уйдай»,
Деб тупроқда Яссавийдай
Қўнғироқлар йиғлагай.

Йиғламаймиз!!! Ёш, қон ичра
Кўзларга ним келмасдан.
Ҳайҳот, наҳот биз ўлганмиз,
Ҳали ўлим келмасдан.
1990 йил 3 март
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:08:33
- «ТЎМАРИСНИНГ АЙТГАНИ» ТЎПЛАМИДАН -
(1996)

Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.


ДАЪВАТ

Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк,
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!
1995 йил 12 ноябрь


ҚАДИМ ҚЎНҒИРОҚ

Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен,
Жаранг берсам қир-даласи уйғонар.
Аросатда бироз тиндим чоғи мен,
Саҳар кўнглим шалоласи уйғонар.

— Болам, кимсан, ким бобонгнинг қотили,
Билармисан туркнинг тўқсон зотини?
Томиримдан чиққудайин отилиб
Найман онанинг ноласи уйғонар.

Қўймам тўнган кўл, ғамларга чўмгани
Ер парчин ҳам кўтаради ўмганин.
Тобутда ҳар мангуга кўз юмгани,
Бешикдаги ҳар боласи уйғонар!

Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен.
1995 йил 28 ноябрь


АЁЛ ЎТИБ БОРАР

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.

Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.

Аёл ўтиб борар... шўх юриб
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин...
1995 йил 26 ноябрь


ОҚЛАШ КУЧИН САҚЛАГАН МАЙСА

Мен майсаман, ўлмаган умид,
Қийналиб қиёқлаган майса.
Пайҳонлаган подаларга зид
Кўклаш кучин сақлаган майса.

Кўрсатмайди мунгли кезини,
Кўкламдай гуллатар кузини.
Номард дуч келганда, ўзини —
Ўқлаш кучин сақлаган майса.

Ўлим билмас қасоси, хуни,
Севгиси ҳам буюқдир уни.
Пирларининг гўрида униб,
Йўқлаш кучин сақлаган майса.

Қодир Оллоҳ ҳукм этмиш шундоғ,
Тушмагайдир ҳаётига доғ.
Қаролиғлар ичра ўзин оқ
Оқлаш кучин сақлаган майса.
1995 йил 29 ноябрь


ҲАР ЭЛГА БИР БАЙРОҚ КЕРАК

Ҳар элга бир байроқ керак ҳилпираган,
Қўллар керак, кўтармоққа чидасалар.
Гарчанд мен бир девордирман, зах, нураган,
Яраб бергум агар байроқ қадасалар.

Елкамгами, юрагимга, курагимга
Маҳкам қаданг, кўтараман жоним билан.
Шамол бўлгум, хоин шамол тиниб қолса,
Ғубор инса юважакман қоним билан.

Она элим, Сенга жоним, умрим ато,
Кетарканман, айланаркан чархи даввор,
Битта девор кетди дегин, кетгунча то
Байроғимни елкасида тутган девор.
1994 йил 22 февраль


КЎП ЧИҚДИМ МЕН ВАТАНИМНИНГ ТЎРИГА

Улуғбекка

Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига,
Пойгагида сенам оёқ еч, болам.
Экин эккин унинг қиру ўрига,
Тўкин эккин, эккин қолмай кеч, болам.

Ўзга юртлар шамоллари чақирди,
Кўз олгувчи жамоллари чақирди.
Баланду баркамоллари чақирди,
Кетмадик биз. Кетолмадик ҳеч, болам.

Момонг шу ерда чирқиллаб йўқлайди,
Бобонг оёғин узатиб ухлайди.
Кетсак улар... гўрларида йиғлайди,
Қолган гаплар бари ёлғон, пуч, болам.

Оллоҳ бизга ўзга Ватан ёзмаган,
Бобосини, момосини босмаган,
Юз тўфондан бир япроғи тўзмаган,
Метин болам, қудрат болам, куч болам!

Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига...
1995 йил 26 ноябрь


АЗИЗИМ

Ногоҳ қаршимдан чиқиб кутиб олган пайтларинг,
Учиб юрган қуш эдим, тутиб олган пайтларинг,
Тақдиримга отингни битиб олган пайтларинг,
У менинг бу дунёга келар чоғим, азизим.

Кейин иноқ, донлашиб кўкка учди икки қуш,
Юксакни нишонлашиб, тикка учди икки қуш.
Бахтнию барбодлиғни бирга кечди икки қуш,
Бугун сориғ тортмоқда кўм-кўк боғим, азизим.

Умр нима? Ўтар йўл.
Ўтаримда бирга бўл,
Ҳали умидларим мўл,
Етаримда бирга бўл.
Қазо келса дунёдан кетаримда бирга бўл,
Бошимда бўл ботинга ботар чоғим, азизим.

Ёнимда бўл, Сенингсиз менинг
Шавкат-шоним йўқ,
Сен йўқ эрсанг қавмим йўқ, турким йўқ,
Туроним йўқ.
Бу дунёю у дунё Сенсиз бирор оним йўқ,
Ёдимда бўл тупроқда ётар чоғим, азизим.
1995 йил 26 ноябрь


СЎЗ СЎРАМА

Мендан сўз сўрама, вақт ўтган,
Истасанг кўрмоққа кўз берай.
Ўт берай, ёнгувчи муз берай,
Лекин сўз сўрама, вақт ўтган.

«Севдим де, бир сўз айт...», куз, шамол,
Бу сўзни айтганман баҳорда.
Сўзимни эшитган юз шамол,
Сўзимнинг изи бор юз қорда.

Бу боғда бошлангай қўзғолон,
Қулагай чиққаним бор тахтлар.
Юз дарахт жойидан қўзғолар,
Ул сўзим эслаган дарахтлар!

Сен яхшисан, бор имкон, бор ганж,
Тоғми, тожми, дала-туз... берай —
Кўнмас бўлсанг кўксимга тиғ санч,
Ўзимга кафан қил, бўз берай!

Лекин сўз сўрама, сўрама...
1995 йил 21 ноябрь


ТИРИЛИШ КУНЛАРИ

Хдр келмоқни мангу Висол денг,
Ҳар кетмоқни мангу Айрилиқ.
«Кетма, бирпас ёнимда қол», денг.
Бошланмоқда янги айрилиқ.

Ёз-у ёғар бошимга қорлар
Термуламан Сиз ёққа ўксиб.
Тўп-тўп... менинг кўксим қоқарлар,
Ғичир-ғичир... босарлар кўксим.

Ўз кўз ёшим ичиб тўламан,
Ёзда ивиб қорда, шамолда.
Сиздан йироқларда ўламан —
Тириламан тағин Висолда.

Ёниб лахча-лахча ўтда ман
Тирилиш кунларин кутаман.
1995 йил


ОТЛАРИМИЗ

«Миннат қилиб бермагин дон,
Аравага қўшма, нодон.
Бизга лозим гуррос, майдон,
Биз курашнинг отларимиз.

Бизлар унут, қуш овлама,
Тўртовлама, бешовлама.
Оёғимиз тушовлама,
Биз кўнгилнинг додларимиз.

Муҳтож бўлмасмиз заррага,
Қулоқ сол бизнинг наърага,
Улоқ ташлармиз маррага,
Ўзмиз. Йўкдир ётларимиз».

Оғир, намчил куз буғдойи...
Юк остида мункиб, тойиб.
Бир-бир босиб, бизни койиб
Кетиб борар отларимиз.
1995 йил 16 ноябрь


АВВАЛ ИЧИНГГА КИР

Аввал ичингда қил ибодатингни,
Аввал ичингда ёй шахд қанотингни.
Аввал ичда тикла иморатингни,
Шу муҳим. Муҳиммас ташқи ёмғирлар.
Ичингни тозалаб, қириб олдингми,
Ўзингни жам қилиб, кириб олдингми,
Ҳар бир кунжингни текшириб олдингми,
Муҳиммас ташдаги илашган кирлар.
Ич хазон. Ташқари гуллашдан қўрққин,
Кўзни тий. Кўз ёшдан, қул ёшдан қўрққин.
Муҳими ичингдан қулашдан қўрққин —
Ичингдан кетмасин илоҳий нурлар.
Ғам ема. Бир камдир, тўлдириб бўлмас,
Аввал ўз ичингга кир, кириб бўлмас.
Ички бургут кўклаб, ўзни урарми,
Ташқарида Сени ўлдириб бўлмас.
1995 йил 16 ноябрь


УЛУҒЛАР, БОҒЛОВЧИЛАР

Улуғлар, боғловчилар,
Руҳни тик, соғловчилар,
Авлодин тоғловчилар,
Юксалар роҳга бошланг.

Шафқат тарк этди бизни,
Итардик мунглимизни.
Юмшатинг кўнглимизни,
Бир ёруғ оҳга бошланг.

Ўнг кўзни ўяр чап кўз,
Гоҳ туғишган ҳам тўс-тўс.
Биттагина содиқ дўст,
Бир чин ҳамроҳга бошланг.

Афсус йўқ чўксак агар,
Жонни ҳам чексак агар.
Покланиб чиқсак агар,
Майли, ғор, чоҳга бошланг.

Адашган мусулмонмиз,
Гоҳ суст кетган иймонмиз.
Лек айнимаган қонмиз,
Бизни Оллоҳга бошланг.
1995 йил 16 ноябрь


КЕЧИБ...

Дема «келдинг бир чаман ошён кечиб»,
Келдим қуюқ чангалзор, ўрмон кечиб,
Қандай даҳшат гирдобларга айландим,
Ёмғирларда йиқилдим гирён кечиб.

Менинг сахтим гулга ўхшаб кетарми,
Гул кечганлар шундай қақшаб кетарми.
Ортидан шунча фитна, гап кетарми,
Оёғимга қара, келдим, қон кечиб.

Тўғри, бош устимда юлдуз, кўк эди,
Аммо товонимда лахча чўғ эди.
Ерда юрмоқликка ҳаққим йўқ эди,
Келдим булут, қор кечиб, осмон кечиб.

Оралиқ йўл, гарчанд, қора қуюн, чин,
Ўтиб сенга келмоқлигим шарт учун.
Ё шу йўлда ўлмоқлигим шарт учун
Келдим... Сен-ла кетмоқ учун шон кечиб.
1995 йил 16 ноябрь


КУНБОТАРДА...

Ҳурмат жоиз, кетаёттан қуёш бу,
Ортиқ-ками битаётган қуёш бу.
Авжи тушда бозиллаган, чатнаган
Энди тунга йитаётган қуёш бу.

Кок теппада, ў, куйдирган қанчасин,
Унга бахт деб ёпишганнинг панжасин!
Ишғол қилмоқчиларнинг исканжасин —
Энди... совуб, тутаётган қуёш бу.

Ҳеч гап йўқдай, силлиқ ўтгандай бари,
Қичқирмаган каби босган гуллари.
Кўзларига санчилмасдай куллари...
Дардин ичга ютаётган қуёш бу.

Балки, балки... кунботарда келар ишқ,
Видо айтмай ширин-сирли кулар ишқ.
Гўдак қилар, суйиб тентак қилар ишқ,
Интиғини кутаётган қуёш бу.

...Не бўлса ҳам қанча қолди, ким билар,
Қачон тўлар паймонадай, хум билар.
Кейин у гапларни тупроқ, чим билар,
Худди биздай... ўтаётган қуёш бу!
1995 йил 16 ноябрь


ҲАҚ ДЕГАННИ...

Гарчанд, босилган майсаман, кўкаргайман,
Бир экан-ку, минг дардни ҳам кўтаргайман —
То у соҳилдаги одам тирик экан
Дарё мени ғарқ қилолмас, ўтолгайман.

Узмаганман, боғлаб, улаб ўсганман мен,
Сўлдирганлар, қасддан гуллаб-ўсганман мен.
Менинг бошим билмас қўмсаш нелигини,
Ўз бошимни ўзим силаб ўсганман мен.

Гарчанд ғаним терлаб чоҳлар қазаётир,
Мен биламан, у ақлдан озаётир.
«Тегирмондан мангу бутун чиқар тош» деб,
Мен ҳақимда ичи куйиб ёзаётир.

Қайга борсам ер боради, кўк боради,
Айтганман мен «босилган ўт кўкаради».
Кўкарганлар, кўкарамиз, кўкаргайлар,
Ҳақ деганни ҳақнинг ўзи кўтаради!
Гарчанд, босилган майсаман, кўкаргайман...
1995 йил 15 ноябрь


ҚИЗҒАНИШ

Сен бир тоғсен.
Арслонлари, қулонлари меники,
Бировларга на қулон, бир қилингни ҳам бермасман.
Тушунарсан Сендан ўзга бойлиги йўқ фақирни,
Боғ эмас бир қовжираган гулингни ҳам бермасман.

Чор тарафдан чирмашганман худди ток
новдасидай,
Бир лаҳзага на ўнгинг,
на сўлингни ҳам бермасман.

Соғинч ёшимдан сув сепиб,
сочим билан супурдим,
Қоровуллаб,
Сенинг келар йўлингни ҳам бермасман.

Ялинаман... мен ўчгунча сен ўчмай тур,
ўчмагин!
Агар ўчсанг...
совуб қолган кулингни ҳам бермасман...
1995 йил 18 ноябрь


ТУН КИРАР ЧОҒЛАРДА

Келаётган тундан сергак тортаман,
Тун кирар чоғларда вақт ўтар гур-гур.
Шошиб аравага сомон ортаман,
Тўкилаверади сомони қурғур.

Умр бўлса ҳамки поёнсиз достон,
Мен барибир чаққон силкиб баримни.
Умр туни келганда шошиб қолмасдан —
Жой-жойига қўяй ёзганларимни.

Сомони йиғилмай қолган ер йиғлаб,
Бурчак-бурчаклардан чиққан шеър йиғлаб,
Безовта қилмасин болаларимни...
1995 йил 16 ноябрь


ҚУТЛОВ
Назирқул акага

Бугун эллик боғу роғни оралаб ўтиб
Эллик тоғдан ошганларга йўллаймиз салом.
Иншооллоҳ, ортингиздан боргаймиз етиб,
Шундай холис ният билан бошлаймиз калом.

Эллик ёшдан ошгунча то, шунча йиқилиб,
Шунча туриб келгандирсиз, чарчаманг энди.
Бугун қиров сочингизга синчков тикилиб,
Дейман:
«Сизнинг отдай юрак ғовларни енгди!»

Енгиб ўтдингиз сиз Усмон Носир ёшидан,
Қодирийнинг ёшиданам енгиб ўтдингиз.
Мирзо Бобур, Улуғ Бобур етмаган ёшга
Оллоҳ қўллаб Сиз етдингиз, шукур, етдингиз.

Букун бомдод намозида юкиндим Сўзга,
Оллоҳимни илтижога, Сўзга ўрадим.
Эрта кетган оғаларим умрини Сизга,
Кўрмай кетган шон-шуҳратин
Сизга сўрадим.

Қодир тангрим, чиқармагай ҳақни ноҳаққа,
Турналарим ҳали кўкрак керса ажабмас.
Минг сўзимдан бири етса Оллоҳга, халққа
Парвардигор сўраганим берса ажабмас.
1995 йил 1 июль


ДАРЁ

Тўсилган дарёдай оқмасдан кўйдим,
Чақнаб, атрофимга боқмасдан қўйдим.
Ким бор дунёсида кўз-кўз этмоққа
Зебу зийнатларим тақмасдан қўйдим.

Дарёнинг-ку асли куч, шиддати мўл,
Тўғон тағин шиддат қўшмоғи мумкин.
Арслонвор қудратга очилмаса йўл,
Дарё қирғоғидан ошмоғи мумкин.

Бу қудрат тўғонни йиқар, сидириб,
Хазф тортмангиз — чўлга ё тоққа кетар.
Бу кудрат чарх урар Сизни қидириб,
Сизнинг пойингизда оқмоққа кетар...
1995 йил 13 ноябрь


ҚОЗОҚ ДЎСТЛАРГА
(Ўзбекистонда ўтган «Қозогистон кунлари»нинг ёпилиш кечасида ўқилган)

Бизлар асли бир онанинг
Эгиз болаларимиз.
Жоҳилликка, қонхўрликка
Бигиз болаларимиз.

Тарихимиз бирдир бизнинг,
Кўз ёшларда чўмилган.
Турор Рисқул Чўлпон билан
Бир ўрага кўмилган.

Не кунларга биз гувоҳмиз,
Бутландик, чил-чил бўлсак.
Шоҳ бўлсак, биз икки шоҳмиз,
Икки қулмиз, қул бўлсак.

Ўлжас, Роза қозоқ даштин
Саратони, ёзидир.
Алибекнинг асли улкан,
Асли Қурмонғозидир.

Турк тўзиши тўхтади денг,
Асли тоза қон енгди.
Абай, Навоийзодалар
Фақат юксалгай энди!

Иншооллоҳ, шундай бўлгай,
Мудом ҳалол томон бўл!
Пешонангдан ўпдим, азиз —
Қозоқ оғам, омон бўл!
1995 йил 16 ноябрь


ВАТАН БАЙРОҒИ

Юрт байроғин ҳар жойгамас,
Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.
Ишлов бергин, юмшатиб тур,
Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб,
Токи ғаним — ватанхўрлар
Ололмасинлар суғуриб.

Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермак осон кечар бўлсин.
1995 йил 12 сентябрь


ЖИЛҒА

Бу жилғача яхши куним мени ўраган,
Ўраб, чопиб оёқчаси қабарган жилға.
Аҳволимни ҳол-жонимга қўймай сўраган,
Сўрайвериб безор қилиб юборган жилға.

Ёмон куним... яшарканман кўзга чанг уриб,
Жилғача йўқ... дардим ичга ютиб бораман.
Бугун бошқа ёққа оқар у димоқ буриб,
Менам унга етти ётдек ўтиб бораман...
1995 йил 6 сентябрь


ЎЗИНГДАН УЗИБ БЕРГИН

Жонни иситар танча,
Шиғил мева берар боғ.
Ўзни сарфласак қанча,
Яшаймиз шунча узоқ.

Бўлолсак суянч тоғи,
Борни этолсак тортиқ.
Тоғдай баландмиз тағин,
Ризқимиз тағин ортиқ.

Ўзингдан узиб бергин,
Майли, ош, майли, ёвғон.
Қарамай, кетавергин,
Ортингдан келар совғанг.

Эккан-тиккани сайин
Гуллайдиган жой, одам.
Нурин тўккани сайин
Тўладиган ой одам.

Жон тикар, ўт, жон тикиб,
Бу дунё шундай қизиқ.
Берганинг ўзингники,
Яширганинг — ютқизиқ.
1993 йил 27 февраль


МЕН СИЗГА КЕТАМАН

Етмишдан ўтдингиз, онажоним, Сиз,
Бу гапларни ўйлаб, тўқиганим йўқ.
Мен эса вақт топиб, Сизга чўкиб тиз,
Еттита шеъримни ўқиганим йўқ.

Боримни чулдироқ боламга тутдим,
Ўғил-қизим ўпдим... худдики қантдай.
Аммо мен... Онажон, сизни унутдим,
Унутдим, қандай?!

Катта давраларга ҳозирлик кўрдим.
Гуркирадим. Суйди душман-да, дўст-да,
Ул давраларда қирқ олтига кирдим
Сиздан олисда...

Катта давраларда оқарди сочим,
Гоҳ кетди, гоҳ келди қўлларимга туғ.
Катта давраларга... топдим иложин —
Сизга эса... йўқ!

Бас!
Армон кўнгилни, кўзни тинитар,
Гарчанд кўз, кўнглимдан узоқ бир найсиз.
Мен ўлсам... шу куни давра унутар,
Сиз ўлгунингизча йиғлайсиз!

Онажон!
Бугун Сизга кетгум армонни тахлаб,
Қолганлар-ла олди-бердим етади.
Мен Сизга кетаман, қизим чарақлаб
Катта давраларга кетади...
1994 йил 26 февраль


СЎЗОН ДИЛИМ

Дилимни дилсизлар уриб олдилар,
Сипо туриб, томоқ қириб олдилар.
Кўнгил қалъам эшиклари берк эди,
Билмам, улар қандай кириб олдилар?

Фикрим сароб, сароб бўлди ёзганим,
Тушдай ўтди. Ўзганлардан ўзганим.
Булбулларга мўлжаллаган масканим,
Хароб. Зоғлар инлар қуриб олдилар.

Билмам, қашшоқлашдимми ё бойидим,
Билганим шу. Қолдим пастда, пойида.
Улар менинг сўзон кўнглим жойида
Бир кошона уй битириб олдилар.

Сўзон дилим етаклайман, юрмайди,
Истамайди, кошонага кирмайди.
Сўзон дилим, етим қолган бир найдир,
Дилимни дилсизлар уриб олдилар.
1994 йил 26 февраль


МЕҲМОНДОРЧИЛИКДА

Ажаб меҳмондорчилик...
Рақс тушади меҳмонлар.
Бири чироқ,
Бири пилик,
Мос тушади меҳмонлар.
Кейин бироз қизишиб
Ойни талашадилар.
Бир-бирини сузишиб,
Жойни талашадилар.
Талотўпда оҳу ўлар,
Қўзи билан қўй талаш.
Дала ҳовли торт-торт бўлар,
Қўш айвонли уй талаш.
Кейин... кетган пирлар талаш,
Келганини кўрмаслар.
Сулувлар, суқсурлар талаш,
Ёқавайрон, кўр, мастлар.
Ёпишарлар бойлик тўнга,
Енгга кирадигандай.
Булар сира ўлмайдиган
Мингга кирадигандай...

Ҳолбуки, дунё беш кунлик...
1994 йил 26 март


КЎНГЛИ ЯРИМ ОДАМ ҲАҚИДА ШЕЪР

У ҳам меҳмон.
Дунёга беш кунгинага келган,
Аро йўлларда Уни хор қилмагин, худойим.
Утиб борар, йўлига хору хаслар тўкилган,
Бир боғлам чечагингга зор қилмагин, худойим.

Боқсам, боғин оралаб зоғлар учиб юрибди,
Маҳзун кўнглин поралаб доғлар кўчиб юрибди.
Ўзи ғамни чоғирдай қуйиб ичиб юрибди,
Уни бандам демоқдан ор қилмагин, худойим.

Улкан, эну бўйига ўзни қўйганлар камми,
Тонгда Хизр, тунлари кўзни ўйганлар камми.
Ўзгаларнинг қонини ичиб тўйганлар камми,
Қалтираб келар, йўлин қор қилмагин, худойим.

Кўриб-кўриб куйди у қор тўкар одамларни,
Эрмак учун шаън тўкар, ор тўкар одамларни.
Эрмак учун бировга дор тикар одамларни,
Унинг изидан қувар мор қилмагин, худойим.

У ҳам меҳмон. Ҳайитда чиқсин гуллаб, ҳайитлаб,
Кўнглин яма. Либосин ўзи ямагай бутлаб.
Лайлатул-қадр келсин кўнгли яримни қутлаб,
Даргоҳингни дардгоҳдай тор қилмагин, худойим.

У ҳам беш кунлик меҳмон, чимдим бахтинг аяма,
Худо, мудом очга тош, тўққа тўни сояма?
У синган дўконларда мен қандай мол ёяман.

Ерни ярим дил касод,
Бозор қилма, худойим.

Юрагимдан топиб кўр,
Битта бутун жой қани,

Золимларинг дастидан зорланмаган най қани?
Уни яшамоқликдан безор қилмагайсан-у,
Мени сўнгагим қақшаб ёзар қилма, худойим!

У ҳам меҳмон.
Дунёга беш кунгинага келган...
1994 йил 26 ноябрь


ДАРАХТЛАР

Ҳаққос рост. Мен дарахтман чоғи,
Ҳар кун йўлга отланадиган.
Йиғлайдиган, шодланадиган,
Йўлга тушган барги, бутоғи.

Бошим олиб кетмоқ бўламан
Ҳар кун... аммо аёндир бир сир.
Манглайимда ёзуғлиқ тақдир,
...Шу турган жойимда ўламан.

Ватан!
Хомуш юзинг ўгирма,
Болаларинг бузса шайтон, ўй.
Сен уларни аяб ўтирмай
Дарахтларга айлантириб қўй.
1994 йил 24 ноябрь


ҚИЧҚИРИҚ

Сулув қиз телбавор қичқирди бу тун,
Менинг юрагимга хун кирди бу тун,
Айбдор кимдир?
Чуввос солиб кўз ёш тўкди қушчалар,
Митти эди, тағин чўкди қушчалар.
Айбдор кимдир?
Вўрон қўпди. Бутоқлари шарақлар,
Туриб, юриб кетмоқ бўлар дарахтлар,
Айбдор кимдир?
Осмонда ой юзин ёпиб йиғлайди,
Телба қиз ортидан чопиб йиғлайди,
Айбдор кимдир?
Маймун чидаб-чидамасдан отар тош,
Кдри қоплон кўзларида милт-милт ёш,
Айбдор кимдир?
Одам... бир зум... сергакланди, гангиди...
Сўнг суйкалиб хотинига сингиди.
Ёлғиз У жимдир...
1994 йил 24 ноябрь


ЁНАР КУНЛАР

Уч куним бор, олддаги шу уч куним,
Бўлгай шавқу-шарорларим зич куним.

Бўш ўтган ой-йилларимни тўлдиргич,
Ўз-ўзимга қасос куним, ўч куним.

Сўнаётган руҳга олов пуркалиб
Қонларимни қилгучи «кўч-кўч» куним.

Жим-жим ўтдим, бермади савту садо,
Дилимдаги қушларим ғуж-ғуж куним.

Умрим бодом дарахтига менгзардим,
Ўтган кунлар, мағзсиз куним, пуч куним.

Келаримда, еларимда қор, қиров,
Кетаримда ўт бўлдими дуч, куним.

Кутганимда келмадинг-эй, ҳеч куним,
Кеч қолдинг-а, кеч қолдинг-а, кеч куним.
1994 йил 25 февраль


ТУРОН

Туркликнинг мукаддас ўчоғи Турон.
Абдурауф Фитрат.

Ўнгимда руҳимга ўқ отган фикр,
Кўнглимга бир ёруғ чўғ отган фикр.
Уйқумда қонимни уйғотган фикр:
«Туркликнинг муқаддас ўчоғи Турон».

Мозийи ҳар отар тонгни эмизган,
Ҳар тиғли ақлни, онгни эмизган.
Бўри, тулкимас, арслонни эмизган —
Туркликнинг кўкраги, булоғи Турон.

Кўкига турналар «қур-қур»лаб ботган,
Отганда камони бехато отган.
Темурдай хоқонлар қирқирлаб ётган,
Туркликнинг бешиги, қучоғи Турон.

Кейин... орқадан ёв тошлари етгач,
Сара кексалари, ёшлари кетгач,
Тарқоқ арслонларин бошлари кетгач,
Ернинг тутаб ётган қир, тоғи Турон.

Бой-бой боболарим бойиб, йиқилди,
Ўз қонига ўзи тойиб йиқилди.
Бир-бировига бош қўйиб йиқилди
Кўнглимнинг куйиги, дард, доғи Турон.

Шукур, хун уйғотди қайтадан қонни,
Арслон болалари қайтадан ёнди.
Ёвлар ололмагай энди Туронни
Бугун, тик арслонларнинг тоғи Турон!
1993 йил 20 декабрь


ҚЎШ ТОҒМИЗ, ҚОРАҚАЛПОҚ
(Қорақалпоғистонда ўтган «Тошкент кунлари» тантаналарида ўқилган)

Сени менгзасам тоққа,
Қўш тоғмиз, қорақалпоқ.
Кўкка — кўк-у тупроққа
Тупроқмиз, қорақалпоқ.

Сен билан илдизи бир
Бутоқлардай кун кўрдик.
Ҳам кўнгли, ҳам сўзи бир
Ўртоқлардай кун кўрдик.

Империя қамчисин
Елкамизда изи бир.
Сувимизнинг томчисин —
Тахирлиги, тузи бир.

Шўрпешоналигимиз,
Дарду нидомиз битта.
Бугун... бошда туғимиз,
Дилда худомиз битта.

Дунё ичра порлоқ из,
Кўрк бўлиб қолажакмиз.
Бузилмагай қонимиз,
Турк бўлиб қолажакмиз.
1993 йил 20 декабрь


ОЗОД ЭТ

Худо сенга қўлни бермас юлмоққа,
Чангал солмоқликдан қўлни озод эт.

Кўлнинг сориғлиги кўнгил чўкдирар,
Кўлмак, ўлмакликдан, кўлни озод эт.

Офат келса қулон ўзи бергай чап,
Озод этсанг, ожиз, қилни озод эт.

Гурлаган ўт, олов барчани тортар,
Сен ўтлиқдан ўтган кулни озод эт.

Ёлғон деган юк ортган тил осилган
Кўп оғир юк. Ундан тилни озод эт.

Бизлар нафс зиндонидаги қуллармиз
Қўлдан келса бирор қулни озод эт.
1995 йил 19 февраль


ТИЛОВЧИМАН...

Мен ким,
Мен бир мунглиғ сингил, тиловчиман,
Оғаларим кипригим-ла силовчиман.
Оғаларим бир-биридан кечар осон,
Жоним ипдир. Мен уларни уловчиман.

Борлиғимни яратгандир ишқ, оҳлардан,
Қонлар, шонлар кечган ёвқур гувоҳлардан.
Ўч олганда ёғийлардан, гумроҳлардан,
Тўмариснинг қўлларини қўлловчиман.

Мозий ичин ёритади милтиллаб шам,
Сир кўраман карвонлари, кўчида ҳам.
Тўлиб оққан қон дарёсин ичида ҳам,
Ҳушни олиб, чаппар уриб гулловчиман.

Биҳамдиллоҳ, қолсам ҳамки синиб, қуриб,
Сўз айтарман хоки туроб бўлиб туриб.
Авлодимни қайтмасликка онт ичдириб,
Амир Темур йўлларидан йўлловчиман.

Мен ким, мен бир мунглиғ сингил,
Тиловчиман...
1992 йил 4 апрель


БУГУН ТУНДА...

Бугун тунда аждодларим келди
Қад ростлаб,
Қодир эгам турк заминга тўкди зарларин.
Бугун тунда то тонггача «ё Оллоҳ, дўст»лаб
Ҳақдин айтди Яссавийнинг қаландарлари.

Аниқ-тиниқ кўриб турдим, чалинди бурғу,
Саф-саф қўшин кўзларида чўғ кўтарилди!
Кўтарилди авлодларга армон, унут туғ,
Ер остини тутиб ётган туғ кўтарилди.

Шаҳидларим, гўрдан чиқиб, айлашиб хитоб,
Бул кун шарҳин дунёларға ёйиб келдилар.
Мункиб-туриб, аранг юриб бўлганларим соб
Ўз қонларига қоришиб, тойиб келдилар.

Қабрдаги ўликкача олди ёв, кириб,
Аммо босиб ололмади томирда қонни.
Ўзим кўрдим, яраланган барсдай ўкириб
Дорни судраб келаётган Дукчи Эшонни!

Усмон Носир олазарак қаҳқаҳа солди,
Сўнг жим қолди, «совқотдим», — деб қўлларин куфлаб,
Шивирлади «Сибирь, аёз ўпкамни олди —
Исингани келдим», деди, ерга қон туфлаб.

Ватан, Ватан, нима ўзи кўксин ўқ тилган,
Ватан ўз юртидан айру, адо бўлган зўр,
Ватан, Ватан Машраб асли Балҳда осилган,
Ватан — кетиб, ватанига қайтолмаган гўр.

Ота Турон, гарчанд азал туркларинг ўзғин —
Ерига қор ёғаверган, қуюқ қора қор.
Минглаб кесик бошлар келди, юмалаб тўзғин,
Билмам, улар орасида қанча Темур бор?

Ўтган ўтди. Ёраб, бугун туркка туғди кун,
Соҳибқирон, дам бергайсиз бугун ўқ-ёйга.
Олдга чиқинг, Сизни тавоб қилмоқлик учун
Пойингизни ўпмоқ учун ўнғайроқ жойга...
1993 йил 14 август


БУ ШАМОЛЛАР БАЛАНД ДОРГА ОСИЛМАС

Бу ўткинчию ғар, ғайри шамоллар,
Йўлин топиб қўлдан, кўлдан уради.
Бу дили-ю тили айри шамоллар
Сиймтан қизларни йўлдан уради.
Наҳс из қолар йўлни қайга бурсалар,
Қай пок ҳилқатларга босиб кирсалар,
Бу фосиқлар билмас нени урсалар,
Ўзларин туққан шу элдан уради.
Кўнгиллари ириб эгалари йўқ,
Бевалар қолдириб эгалари йўқ.
Мевалар қолдириб эгалари йўқ,
Миллатни қоқ жондан, белдан уради.
Бу шамоллар баланд дорга осилмас,
Ўзидан юксакроқ дарахтдан юлмас.
Бу номард шамоллар, урса, кетиб паст,
Ўзидан ожиздан, қилдан уради,
Бу ўткинчи-ю, ғар, ғайри шамоллар...
1992 йил 6 март


БОРИМ КЎЧАР НИДОГА

Момом отда, суворий
Ўтганини биларкан,
Кўқда тутиб шаън, орин,
Кетганини биларкан.

Кўксимга армон, ўчнинг
Кескир тиғи ботади.
Ярим тунлар қиличнинг
Жаранги уйғотади...

Ерга нидо қиламан,
Кўкка нидо қиламан.
Темурдай бир фарзанд деб
Тутдайин тўкиламан.

Борим кўчар нидога:
«Умрим етмай видога,
Бобурдай бир ўғлон бер»,
Ялинаман худога.

Турк туғини мангу тик
Боғлаб кетар шу ўғлон.
Мендек бир ожизани
Оқлаб кетар шу ўғлон.
1993 йил 21 декабрь


БИР ВАҚТЛАР...

Келаётган карвон-ла келган эдим бир вақтлар,
Қўшилиб кетсам керак кетаётган карвонга.
Тунлари нималарни шивирлайди дарахтлар,
Гурунгларин оҳанги ўхшаб кетар армонга.
Ҳарҳолда бу дарахтлар йиғламас ўзи учун,
Сезарми ё кўнглимда унут шаҳдлар йиғлайди.
Кўнглимнинг ҳар тақири, жизғанак, бўзи учун,
Сўзи учун, эҳтимол бу дарахтлар йиғлайди.
Кўз юмиб пичирлайман:
«Бир вақт мен ҳам ютгандим»,
Эҳтимол, дарахтларга аён бугун барча сир.
Келганимда улар шод,
чапак чалиб кутганди,
Энди балки кетарим сезиб қолиб ғамгиндир.

Келаётган карвон-ла келган эдим, бир вақтлар.
1994 йил 24 ноябрь


ГАРЧАНД ОЛЛОҲ...

Гарчанд Оллоҳ менга доим ўнг беради,
Азобларда адо қилиб, сўнг беради.

Ўғил берса кўкси баланд ўғил берар,
Қўзи берса пешонаси дўнг беради.

Қанча эрта келиб кутмай даргоҳига,
Барча кутиб турганлардан сўнг беради.

Куя-куя саҳрода кул бўлганимда,
Бир беҳишт гул, бир тоғларки чўнг беради.

Шукур, бахтим ғамда чайиб олмоқ учун
Бир қувончим олдидан юз мунг беради.
1995 йил 22 ноябрь


АҲЛИ АНЖОН, ЙЎЛ БОШИГА ЧИҚАВЕРГИН

Кетганларни Сиз баҳорга чиқиб кутинг,
Йўлларига термулиб, кўз тикиб кутинг.
Йўлларига жамбил, райҳон экиб кутинг,
Баҳор келар, баҳор билан абр келар.

Ўтган билан ўтиб бўлмас бу дунёда,
Кетган билан кетиб бўлмас бу дунёда,
Ютқазасиз, ютиб бўлмас бу дунёда,
Ютасиз ҳам, кўнглингизга сабр келар.

Бор кетганлар масканини қайтиб топар,
Туркистони, Тошканини қайтиб топар.
Худо танлаб қўшганини қайтиб топар,
Токи жаммиз. Сўзларимиз то бир келар.

Бу баҳор кўп нозли келар, келар эркин —
Ўлик-тирик бир-бирининг ғамин ерким,
Аҳли Анжон, йўл бошига чиқавергин —
Ҳирот ёқдан сурон солиб Бобур келар.
1994 йил 19 ноябрь


ЙИҒЛАЁЛМАДИМ

Ажаб, ўз еримда йиғлаёлмадим,
Буям бир шўрим-да, йиғлаёлмадим.
«Ғам»ни ўзгартинг, деб қилдилар буйруқ,
Ҳаттоки шеъримда йиғлаёлмадим.

Дардим тиқилса-да бўғзимда тутдим,
Қушлар йиғлай олди, йиғлади терак.
Мен умрбод ёшим ичимга ютдим,
Бир кун гўримда қон йиғласам керак.
1995 йил 4 декабрь


ТЎЗИМ БЕРГИН ЯШАШИМ УЧУН

Сиз яшашни биласиз қандоғ
Сизга дала — дала, туздир — туз.
Нетай, менинг тоқатларим тоқ,
Юрагимда йиғлайверса куз.

Йўлни бахтга бурганлар билан
Ҳаялламай, тезлаб қолган мен.
Юпун-юпун юргаклар билан
Қуюн-қорда музлаб қолган мен.

Ҳеч на йўқ-ку, ўзи, қалқгулик,
Дейман «Оллоҳ, қўрсатгин кучинг.
Кўнглимга бер хиёл салқилик,
Тўзим берпш яшагним учун...»
1995 йил 4 декабрь


БИЗ ЖАННАТНИНГ ГУЛИМИЗ

Гоҳ само ҳам кетар торайиб,
Ёруғланиб кунлгр қайтади.
Эскирган япроқлар қорайиб,
Сориғланиб видс айтади.

Кексайган қуш кўнгли осмонда,
Йиғлар эски иниии суваб —
Биз узамиз, истаган онда
Эски ғамлар келмайди чуваб.

Бу дунё шу. Эскя ва янги,
Мангу ўйга толар кунгача.
Биз жаннатнинг гулимиз, мангу
Қор остида қолар кунгача.

Гул очамиз, ҳали қизғиш, оқ,
Ҳали бахтдан маст бўламиз, ёр.
Бизсиз келар қигл ҳали узоқ,
Ҳали ёғмас бизнж кўмар қор.
1995 йил 5 декабрь


СИБИРЛАРДА ЎЛГАИ БОЛАЛАР ТИРИК

Тирик эмас гарчанд хамон тирик, бор,
Кўкрагида унвонлари шашқатор.
Билмай ўтган надир сиртмрқ, надир дор
Сибирларда ўлган болалар тирик!

Ниҳон, юракларга тизшн ботирган —
Ўзи қолиб, ўзгаларни отдирган.
Анови унвондор ИШИЕ битирган,
Оёқости бўлган болахар тирик!

Ўтган ўтдимас. Бу — ўтмайдиган дард,
Ҳеч ким поёнига етмайдиган дард,
Олиб кетмай, ўзи кетмайдиган дард,
Қонлардаги қасос, лолалар тирик!

Авлодларин тик кўзлари нам нега,
Тик бошлари гоҳ-гоҳ маъюс, хам нега?
«Биз ёшимиз бекор тўкмаймиз», — деган
Қарашларда кек, шалолалар тирик!

Азал шундай. Қондан-қонга хун ўтган,
Билган борми ким ютқазган, ким ютган.
Не бўлса ҳам, анов сотқин йиқитган —
Сибирларда ўлган болалар тирик!
1995 йил 5 декабрь


ЎТМАСДИР

Ўткинчи, дунёнинг сим-сим шамоли,
Шамолда солланган тераги, толи,
Қушларнинг сайроғи, гулларнинг боли
Ўткинчи, лек менинг дилим ўтмасдир.

Тоғлар ўтаверар ёнбошлаб олиб,
Тошлар ўтаверар қовоғин солиб.
Сенсиз кунларимнинг тутгай уволи,
Сенсиз менинг ою йилим ўтмасдир.

Йўл узоқ. Қовжираб, қуриб келдим мен,
Аждарлар комига кириб келдим мен.
Қиличнинг дамида... юриб келдим мен,
Кўксимдаги тилим — тилим ўтмасдир.

Менинг болам ширин, туш боласидай,
Манглайлари кенг, олқиш боласидай,
Кўпайгай, кўпайгай қуш боласидай,
Камайиб, дунёдан элим ўтмасдир.

Дарёдай тўлиб, гоҳ куйиб, кул бўлиб,
Мен ўтсам-да ўтар бир булбул бўлиб.
Униб чиқмай қўймас ўт ё гул бўлиб,
Бу дунёдан ўжар кулим ўтмасдир.
1995 йил 6 декабрь
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:08:47
- ТЎРТЛИКЛАР -

Мен ҳамиша олдда юрган тақдир тошиман,
Болу заҳар аввал тушар маним ошима.
Кеча қувонч беҳиштида шаҳаншоҳ эдим,
Бугун қайғу саҳросида карвонбошиман.


* * *

Куймагин, суйганинг Сен деб куймайди,
Хазон бўласан, у хазон киймайди.
Дунёнинг энг кўҳна савдосидир бу,
Жон берар ошиқни жонон суймайди.
1996 йил 7 январь

* * *

Ҳаққа тиловат айтсам-да саҳар ичра мен,
Хоксор, рақиб сепган заққум-заҳар ичра мен.
Туҳматини қаранг яна бу беиймоннинг
Яшармишман олтину, зар, гуҳар ичра мен.
1996 йил 7 январь

* * *

Мен ҳамиша олдда юрган тақдир тошиман,
Болу заҳар аввал тушар маним ошима.
Кеча қувонч беҳиштида шаҳаншоҳ эдим,
Бугун қайғу саҳросида карвонбошиман.
1996 йил 10 январь

* * *

Елкам яғир, танбал, сурлар остида,
Эсиз умр... фитна, сирлар остида.
Оллоҳ, нечун мени олов яратдинг,
Қандоқ ёнай кир ёмғирлар остида.
1996 йил 10 январь

* * *

Гаҳи туҳмат тошларидан толажакмиз,
Паймонадай тўкилажак, тўлажакмиз.
Лек иймонга аввал замон содиқ эдик,
Замон охир бўлар, содиқ қолажакмиз.
1996 йил 10 январь

* * *

Умргузаронлигим оҳу войлар ичинда,
Чопқир сувлар тўхтагай — балчиқ, лойлар ичинда.
Мўминдан-мўмин тортар, ўзимдан жирканаман,
Бу малъунга дарс бергич мўминтойлар ичинда.
1996 йил 13 январь

* * *

Раҳмат, эй ишқ, тақдиримга вой келтирдинг,
Миннатдормен, кўзларимдан сой келтирдинг.
Суратим сарғайган бўлса дард чекмагил,
Сийратимга барибир ҳумой келтирдинг.
1996 йил 10 январь

* * *

Гарчанд ичимда тик наҳанг кўраман,
Дамодам эзгин бир оҳанг кўраман.
Қувонч мени излаб ёлғиз келмас ҳеч,
Уни қайғу билан баҳам кўраман.
1996 йил 10 январь

* * *

Чақмоқ урди, жон-жонимдан ўтди тиғ,
Қўпорилай дедим монанди дарахт...
Шохимдаги қушча, йиқилдинг қаттиқ,
Болам, бирор жойинг емадими лат?
1996 йил 10 январь

* * *

Денгизман, дарёлар — қўлларим, тўсма,
Сиртмоққа айлангай қилларим, тўсма.
Бир ел турса кўзинг кўр қилмоғи бор,
Оёғинг остида кулларим тўсма.
1996 йил 10 январь

* * *

Бу қандай қавм, бирикмайди, тўзғийди,
У иш қилмас, ишкал қилар, изғийди,
Улар ҳамон боболарин туш кўриб,
Момоларин соясида мизғийди.
1996 йил 13 январь

* * *

Ҳушёр олдинг, масту аласт ичиб, олдинг сен,
Дарёларим инжуларин кечиб, олдинг сен.
Ўзингникин тўздирмоқлик бўларми насиб,
Нечун маним уст-бошимни ечиб олдинг сен.
1996 йил 13 январь

* * *

Бу дунё шундай бир изга тушгандир.
Тиздан кетган дармон тизга тушгандир
Бизни асраганлар дунёдан ўтди,
Энди асраш иши бизга тушгандир.
1996 йил 14 январь

* * *

Қаттол дунё, меҳмонларинг қайга бошлайсан,
Муз, сувларда чўкдирасан, ўтга ташлайсан.
Уч-тўрт кунлик меҳмонларин хафа қилар ким,
Сен не учун бандаларинг кўзин ёшлайсан?!
1996 йил 14 январь

* * *

Гоҳо гулламоқдан ҳам боғим қўрқар,
Гул ҳидларидан ҳам димоғим қўрқар,
Тутсам қалам ҳақ деб изиллар, шундан,
Қалам тутмоққа ҳам бармоғим қўрқар.
1996 йил 14 январь

* * *

Сўзин асрамаснинг сўзини асра,
Ўзин асрамаснинг ўзини асра,
Воҳ, кўр қилмоқ учун тайёрланар кул,
Олдинни кўрарнинг кўзини асра.
1996 йил 14 январь

* * *

Ҳар кимса бир ёруғ, бир роҳ истайдир,
Ўз кўнглига Хизр, бир шоҳ истайдир.
Билмаски бу дунё қаттол, Хизр ҳам,
Қувғиндир, ўзига паноҳ истайдир.
1996 йил 14 январь

* * *

Бизлар гулмиз юртнинг қиру ўрида ўсган,
Жафокаш халқ манглай тери, шўрида ўсган.
Жабрдийда авлодмиз биз, жабрдийда гул,
Қодирийлар, Чўлпонларнинг гўрида ўсган.
1996 йил 14 январь

* * *

Биз на буғдойдирмиз ва на сомонмиз,
Майин болу парга ўралган жонмиз.
Шу ҳар қалдироқдан қалтирар зотлар,
Наҳот буюк Туркдан тўралган жонмиз?!
1996 йил 14 январь

* * *

Мен норасида — ғам, ўсаётган гул,
Дил ярасида ҳам ўсаётган гул.
Ўт қўйиб ёқдилар хону монимни,
Кул орасида ҳам ўсаётган гул.
1996 йил 14 январь

* * *

Бирлашмаган элда ҳар тоқ йиғлайди,
Суянч устуни йўқ ҳар тоғ йиғлайди.
Оёқ остда тупроқ изиллаб йиғлар,
Бош устида ҳўнграб байроқ йиғлайди.
1996 йил 15 январь

* * *

Турк уйи тиклангай, келгай кўрк, шонлар,
Кўшкин қуббасига теккай осмонлар.
Ғиштга айланса ҳам ҳар бири битта,
Уни кўтаргайдир туркийзабонлар.
1996 йил 15 январь

* * *

Мен-да туркнинг даштларини эрк шамолиман
Дашт отидай метин туёқ, бўрон ёллиман.
Мен-да туркнинг боши, кўкси осмон, аёғи —
Узангида кетадиган тик аёлиман.
1996 йил 15 январь

* * *

Ҳар кимки тиз букиб ошга етади,
Тил бошқа, нияти бошқа, етади.
Ҳазир бўл, оёқда ётган итлардан,
Оёқ ялаган ит бошга етади.

* * *

Зарим минг хил. Сен бирор турин олабилмассан,
Еру кўкни кавлаб кўр, урин, олабилмассан.
Оллоҳ бор бойлигимни қонларимга яширган,
Искович итдай изла, бирин олабилмассан.

* * *

Бу уруғ шу. Тутамаймиз, ёнамиз,
Сепли эмас, эпли туққан онамиз.
Чинор бўлиб, тўфонларга йўл бермас,
Қай пучмоқда унса ҳам бир донамиз.

* * *

Аввал дедик «бахт гоп, гул топ» — кетдик биз
Кейин дедик «тахт топ, ул топ» — кетдик биз.
Барчасига бирдай етишган куни
Барчасидан қўлни силтаб кетдик биз.

* * *

Кўнглим қуш-у, деманг уни учириб боргум,
Унга сувдай сероб ғамни ичириб боргум.
Кўнглим гоҳ-гоҳ азоблардан ўт олиб кетар
Ўтни кўзим ёши билан ўчириб боргум.
1996 йил 18 январь

* * *

Елга емман, сувга емман бир куни,
Ғофил, ўзни мангу депман бир куни.
Бир нафасга келдим, минг ғам бошимда,
Бу дунёга бекор кепман бир куни.
1996 йил 18 март

* * *

Ўчкор келдинг, фитна-фасод базмини туздинг,
Тенг-тўшингни заҳарладинг, ўстирмай уздинг.
Заҳринг ўзинг билан кетмай сочдинг ортга ҳам,
Ортдан келар сувларни ҳам таъмини буздинг.
1996 йил 18 март

* * *

Ғофил, ғафлат ичра уйқусираб мен,
Не сўрасам Сендан танҳо, сўрабмен.
Оддий тоши ҳам йўқ кимсадан, афсус,
Вафо деган ақиқ, анқо сўрабмен.
1996 йил 18 март

* * *

Сарғаяман, гарчанд белим дол қиламан мен,
Азобларда умримни увол қиламан мен.
Яраланган тик арслоннинг шиддати билан,
Сўз мулкини бир куни ишғол қиламан мен.
1996 йил 28 январь

* * *

Сиздан хабар йўқ, қуриб кул ичида мен,
Зоҳиран озод, ботин ғул ичида мен.
Ишқий номангиз келар, кўклай бошлайман
Боштин-оёғим гуллар, гул ичида мен.
1996 йил 28 январь

* * *

Хато қилдим, хатоларим зоғ илиб, ёйиб кетган,
Савдогарлар йўқ сиримни сотишиб, бойиб кетган.
Йиғлаган кўз қора бўлар, — дерлар, ростга ўхшайди,
Боқсам, кўзгудаги кўзим тағин қорайиб кетган.
1996 йил 18 март

* * *

Йўлимиз шу. Келар-кетар тилсим, кетамиз,
Офтоб кулар, ёмғир ёғар сим-сим, кетамиз.
Яссавийдек турк довруғин кўкка ўрлатиб
Ўзимиз ернинг остига жим-жим кетамиз.
1996 йил 28 март

* * *

Отанг-онанг бағридайин бағр-ку, оҳ, йўк,
Суюкли ёр оғушидай оғуш, учоқ йўқ.
Ўтганлардан сўраб кўрсам бундай дедилар:
«Одамзодга тупрокдайин иссиқ қучоқ йўқ».
1996 йил 28 март

* * *

Топмадик биз дўстнинг номард, мардини,
Ўпмадик ҳам бирор оёқ гардини -
Улар энди бизмас, тупроққа айтар
Ўзи билан олиб кетган дардини.
1996 йил 28 март

* * *

Чароғон кўзларни ҳеч хоб тортмасин,
Гуркираганни айш, гулоб тортмасин.
Эй аҳли мўминлар, қиргоққа чиқинг,
Бирингизни бирор гирдоб тортмасин.
1996 йил 28 март

* * *

Ўйинқароқ шамоллар боғ гулларини ўйнайди,
Бировларнинг олтин-зари, пулларини ўйнайди.
Эрмакталаб бу шамоллар тинч қўймасдан мени ҳам,
Кеча куйган қанотимнинг кулларини ўйнайди.
1996 йил 29 март

* * *

Хоҳ фақир, хоҳ донгдор, шонли кетарсен,
Хоҳ гадо, хоҳ қўшайвонли кетарсен.
Одамзод-ей, йиғлаб келдинг аввалда,
Охиран ҳам пушаймонли кетарсен.
1996 йил 23 январь

* * *

Гарчанд умр дафтари тўлган гард, доққа,
Қўрқсам ҳамки ҳатто умид қилмоққа,
Атрофимдан минг тарафга йўл кетган,
Менинг йўлим бир, каъбага, сен ёққа.
1996 йил 31 январь

* * *

Меҳмонларинг бир-бир кетар, сен ҳамон там-там гулсан,
Қаттол дунё, тўғонларинг тўхтатади сал жилсам.
Уч-тўрт кунлик меҳмонга ҳам шафқатсизлик шунчалар,
Келмас эдим, шундай ёвуз мезбонлигингни билсам.
1996 йил 30 январь

* * *

Ёнғин ўтди. Ҳар қиёғи аждаҳо, минбаъд.
Босди. Сени поймол этди ҳар касу ҳар бад.
Тирик қолдинг. Бу курашда демак Ғолиб СЕН,
Энди куллар орасидан тиклан, кўтар қад!
1996 йил 24 январь

* * *

Юлғичлар бири олиб, бири қўйиб олурлар,
Яйраб, сайраб олурлар, тўйиб-тўйиб олурлар.
Бу наҳс каслар хавотир олиб ўз айбларидан,
Ўткир кўз-ла келганни кўзин ўйиб олурлар.
1996 йил 24 февраль

* * *

Кетган пирлар, ўтмиш пирлар, ўздир, худойим,
Улар азиз, улар аён сўздир, худойим.
Гўдакларнинг орасида келар пирлар бор,
Шу пирларни кўрадиган кўз бер, худойим.
1996 йил 24 февраль

* * *

Тинган сувлар оромини бузар балиқ, мен,
Ҳеч узилмас тўрларни-да узар балиқ мен.
Жилдираган жилғачангга сиғмасмен, қўрқма,
Қарқарали денгизларда сузар балиқ мен.
1996 йил 17 январь

* * *

Дунёсида кўзлар оч. Тўйдиролмай ҳайрон мен.
Дилга ишқи Оллоҳни ўйдиролмай ҳайрон мен.
Димоқлари осмон бу болалар пардай тўзғин,
Оёқларини ерга қўйдиролмай ҳайронмен.
1996 йил 28 январь

* * *

Ўйлар эдим дунёда поклар, зўрлар зиёда,.
Улар бир-бирин қўллаб кўкка ўрлар зиёда,
Зўрлар ўрлаш ўрнига бир-бирин кўзин ўйди,
Ёраб, боқсам дунёга энди кўрлар зиёда.
1996 йил 10 январь

* * *

Эй дўст, сенинг бобонг улуғ, тик чақин келди,
Меҳри денгиз, қаҳри қилич, қалқон, қин келди,
Лек, огоҳ бўл, бугун сенинг набирангдан ҳам
«Бобонг ким», — деб сўрайдиган қаттол кун келди.
1996 йил 13 январь

* * *

Навоий — нон. Тўсма. Унга борар йўлдан қоч,
Ғашлик қилма, тўрт ённи ҳам ёритаркан тож.
Навоийга ўзин урса, урма кофирни,
Ахир, нонга мусулмону, кофир бирдай оч.
1996 йил 16 январь

* * *

Ўйламанг, фақат маст, пиён оғади
Муқиммас, ҳар бахту зиён оғади.
Қуёш қоқ тепада, лек қанча турар,
Ўйлаб улгурмайсан, бирён оғади.
1996 йил 16 январь

* * *

Паноҳ керак, битта қошдай, кўздай бир паноҳ,
Ўзингдан юксакроқ фикр, сўздай бир паноҳ,
Қирчиллама қирқ ЖОНИМНИ қайраб туриб ҳам,
Бир паноҳсиз яшолмам мен, Сиздай бир паноҳ.
1996 йил 2 июль

* * *

Изласа имкон чиқарин ёрга айтинглар,
Суюкли ҳар он чиқарин ёрга айтинглар,
Чорласангиз: ҳаялласа ёри бевафо,
Ёрдан олдин жон чиқарин ёрга айтинглар.
1996 йил 2 июль

* * *

Мени кўқда куйган ой тушунади,
Ўқи хато кетган ёй тушунади,
Учарлар дилимнинг учин ҳам кўрмас,
Ҳолимни ҳолига вой тушунади.
1996 йил 2 июль

* * *

Уй бузилган, аммо ҳамон унга элтар из,
Ҳамон сирдош, унга кўнгил ёраверамиз.
Бузилган боғ тепасидан кетолмайди қуш,
Биз бузилган каъбамизга бораверамиз.
1996 йил 2 июль

* * *

Бугун гумон менга сингиллик айлар,
Бош устимда хижрон соясин тайлар.
Номалари нола қилмас, йўқламас,
Бизни ёри азиз унутгандайлар!
1996 йил 3 июль

* * *

Болажоним! Йўлга чиқсам, йўлим келади,
Сув сўрасам гуррос дарё, селим келади.
Элга кирган кунинг менга байрам келар-у,
Элдан чиққан кунинг менга ўлим келади!
1996 йил 3 июль

* * *

Бир-бирингиз товус, ёнар пат деб ушлангиз,
Дунё нася. Сен бир ўзинг накд деб ушлангиз.
Суйинг, аммо, босиб юкдай ўтириб олманг,
Келган, аммо кетмоғи бор тахт деб ушлангиз.
1996 йил 3 июль

* * *

Ютдирган-у, ютганимиз нимага арзир.
Ўтмаган-у, ўтганимиз нимага арзир.
«Бошин олиб бир сориға» кетганда Бобур,
Сиз-у, бизнинг кетганимиз нимага арзир?!
1996 йил 3 июль

* * *

Ишқ эдим, гумон мен, гунг, лол мен энди,
Ҳайратмас, даъватмас, савол, мен энди.
Энди дум тутқазмас балиқдирман мен,
Этагин ушлатмас шамол, мен энди...
1996 йил 3 июль

* * *

Толе мени ғамга ҳамон еткурди,
Ўт, сувга отди, ҳар томон еткурди.
Ногоҳ сени кўрдим... қолган дунё пуч,
Шукур, дийдорингни омон еткурди!
1996 йил 4 июль

* * *

Оллоҳни «жоним», дема, сен жон қўймагунингча,
Ҳақ йўлида ўзингни қурбон қўймагунингча.
Илму-амалинг бир пул, ёнишларинг тўзғин кул,
То ёстиғинг остига Қуръон қўймагунингча.
1996 йил 4 июль

* * *

Аввал ўзинг кўнглим билан тарона туздинг,
Кўнглимнинг хуш сойларида оққушдай суздинг.
Сўнг, сен кетдинг... сойларда мен қолдим танҳо-тоқ,
Оҳ, умидинг узилсин-а, умидим уздинг!
1996 йил 4 июль

* * *

Чумолижон, менинг хомуш ҳолимдан кулма.
Ҳам дардинг бер, кўтаргум, деб гудозлик қилма,
Минг дардим бор, бирин айтсам арслон чўкади,
Сен айланиб ўтавергин, қўй, сен янчилма.
1996 йил 4 июль

* * *

Ҳатто қушлар ерда жуфтлашиб донлар,
Жуфтсиз қушни ер тортади ёронлар.
Сизга тўзим, фақат тўзим Оллоҳдан,
Жуфтларини ерга қўйган инсонлар.
1996 йил 4 июль

* * *

Деб, «Сени ўйламакни кам қиламен»,
Ўзимни қийнаймен, кўп ғам қиламен.
Ўзимни ўзингга еткургунча то
Сўзингни кўнглимга малҳам қиламен.
1996 йил 4 июль

* * *

Гарчанд юксаклик завқидан мастлаб учамиз,
Арш тортсаям, бизлар ерлаб, хаслаб учамиз.
Кўкка кетган бори қушлар ўққа учсалар
Қушжон, энди юксалмаймиз, пастлаб учамиз.
1996 йил 4 июль

* * *

Биров гўдак, бировлар ит боқиб боради.
Бировга гул, бировга кул ёғиб боради.
Бу бенаво дунёсидан наво тиланиб
Мендек бир адашган дарё оқиб боради.
1996 йил 4 июль

* * *

Бу дунёда менинг каби ғамдан барпо йўқ,
Тоғдай ғамин тил учига чиқармас тоғ йўқ,
Ҳеч ким мендек ўз кўз ёшин селида оқмас,
Ерда мендек гуррос солиб йиғлар дарё йўқ.
1996 йил 4 июль

* * *

...га

Демасман, ҳар шовқин, ҳар шувга боргил.
Борганда кўнгилнинг аршига боргил.
Қалдирғоч, соянгда сояласин ёр,
Мен учун бир марта Қаршига боргил.
1996 йил 4 июль

* * *

Сиз истамаганлар сиз томон юрса кечиринг
Сиз деганда «Тугатдим, тамом», юрса, кечиринг.
Эй ўрмон қашқирлари, ғашингизни келтириб,
Ерда қурбсиз чумоли ҳам омон юрса, кечиринг.
1996 йил 20 июнь

* * *

Учар экан биз ўйлабмиз шаън ҳаёт сари,
Билмабмиз таназзул экан, экан дод сари.
Шу бўлса гар уча-уча келган жойимиз,
Энди тулпор секин-секин юр мурод сари.
1996 йил 5 июль

* * *

Бу умр — ўтар кўчадир. Ғофил ётма, туриб ўт,
Ётганлар бор, ҳолин сўра, кулбасига кириб ўт,
Бу кўча — байрам кўчадир, дўст-душман орасидан
Зийнатланиб, зеболаниб, қушдай енгил юриб ўт.
1996 йил 5 июль

* * *

Берсанг мени бу дунёга гул қилиб берсанг,
Орифларнинг оёғига кул қилиб берсанг.
Хизматига бўйин бериб, гуллаб ўтгайман,
«Оллоҳ» деган битта шоҳга қул қилиб берсанг.
1996 йил 5 июль

* * *

Дунё ғофил, ундан кўп иш ўтмоқда,
Кимдан кўклам, кимдан қор, қиш ўтмоқда.
Қарқара найлигин ўзи ҳам билмай
Гуркираган не-не қамиш ўтмоқда.
1996 йил 5 июль

* * *

Балоғат мард келар, балоғат тикка,
Хасислик ярашгай ғўрлик, мўртликка,
Ҳаётингнй тикиб юборсанг арзир,
Ҳаётингдан айтган битта тўртликка.
1996 йил 6 июль

* * *

Муте одам, бировларга қуллуғинг тўхтат,
Учарларнинг оёғида гиллигинг тўхтат.
Ўпма иркит ҳар кимсанинг остонасини,
Бир Оллоҳ бор, бошқасига қуллигинг тўхтат!
1996 йил 6 июль

* * *

Кўкармоқ не, билмасдим бу зумгача,
Кўклаб кетди майса қиёғимгача.
Боштин-оёқ суйиб разм солди ёр,
Гуллаб кетди боштин-оёғимгача.
1996 йил 6 июль

* * *

Дема бу дунёда бекор чопар ошиқлар,
Бир-бирига жаннат гулин ёпар ошиқлар.
Йўл бермаса, йўли йўқ бу дунёдан кетиб,
Маҳшар куни бир-бирини топар ошиқлар.
1996 йил 6 июль

* * *

Отди кўкка, урди ерга, менга кифоя,
Шукур, минг шукур, тақдирга, менга кифоя.
Қалдирғочнинг уясича битта кулба-ю,
Сизнинг билан бўлсам бирга, менга кифоя.
1996 йил 6 июль

* * *

Экмай туриб ўраримиз — буям қизиқ фан,
Заримиз бор, йўқ оримиз — буям қизиқ фан.
Жон-жахд билан кетган сари кўкка чирмашиб
Ерга кириб бораримиз — буям қизиқ фан.
1996 йил 12 июль

* * *

Шеърни мендек ёдламоқчи бўласан, эй дўст,
Қайга борсам отланмоқчи бўласан, эй дўст,
Менга теккан қамчин сенга нотаниш, ахир,
Нечун мендек додламоқчи бўласан, эй дўст!
1996 йил 12 июль

* * *

Тенгсизга чопарлар, тенглига бормас,
Минг қўйлига борар, мунглига бормас.
Тўйига, уйига борар, во дариғ!
Ҳеч ким бир-бирининг кўнглига бормас.
1996 йил 12 июль

* * *

Ҳаёт, ғирром ҳаёт, ўч, оҳларида,
Маҳкам қисиб иссиқ қучоқларида
Ҳамон мени алдар «ҳақ пиширгум», — деб
Ёлғон пишаётган ўчоқларида.
1996 йил 20 июль

* * *

Йиғла, аввал ўзинг учун йиғлагил, эй дўст,
Раҳм қилма, ўз кўксингни тиғлагил, эй дўст.
Токи бир кеч рангинг ўнгиб, қуруқ далангда
Пушаймонлиғ хосилини йиғмагил, эй дўст!
1996 йил 11 июнь

* * *

Ўлиб, ўлиб кўрганлар осонликча ўлмайди!
Бу ўлиб кўрганларнинг тошга ўйилган қайди,
Билмам, бу шуур қайдан қонимга сингиб кетган,
Оёқ остга тушмаган кўкка кўтарилмайди!
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Жавлон уриб ўйнаб қол, танг, тор кунлар келгунча,
Ғаддор овчи кийикка етар кунлар келгунча,
Узангидан оёғинг узилмасин, азиз дўст,
Бир куни ёғоч отда кетар кунлар келгунча.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Сиз десам тилимга қанд, бол келармиш,
Хизматимга қуёш, шамъ лол келармиш.
Сочингиз бўйидан юборгайсиз Ёр,
Сиз соридан бизга шамол келармиш.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Мол деб ўлма! Кетар кунда мол ёнинг ололсайди,
Минг-минг молинг кетар йўлга бир тўғон сололсайди.
Минг отингни бири сени кетолсайди қутқариб,
Ё минг қўрғонингни бири яшириб қололсайди.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Ризқ тўлиғ косага етказсин худо,
Бир ақли расога етказсин худо,
Гуркираб турганда қовжирама, дўст,
Кўлингни асога етказсин худо!
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Биродар, шошиб ёнма, шошиб олма аланга.
Эҳтиросли ёнғинлар ярашар гул баданга,
Гўзал ёнишларингни титраниб кузатаман,
Оҳ, алангаликдан сўнг куллик келар одамга.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Чопонлигинг борми, тоғу-тошга ғам ема,
Чўлу-қирни айтавергин, ошга, ғам ема.
Бундан олиб кетаримиз икки метр сурп,
Кафанлигинг борми, бўлди, бошқа ғам ема.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Сенга «ишонма» дейдилар, инкор этаман.
Шундай севдим, бегумону, бекин, бетамаъ.
Сен — жон ахир, жондан кечиб яшаб бўларми,
Жондан кечсам қуруқ вужуд, лошни нетаман.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Гарчанд ер юзининг қора-оқимиз,
Гарчанд ганж, гувала томи, тоқимиз.
Гўзал дунёларга бошлар йўл асли
Сизнинг билан маним иттифоқимиз.
1996 йил 11 сентябрь

* * *

На қувонч, на қайғу текинга тушди,
Бор ғусса, бор алам чекимга тушди
Менда ғам, унда ғам, айтгил, Оллоҳим,
Ўзи «бахтли» деган чек кимга тушди?
1996 йил 11 сентябрь

* * *

Худо ҳаққи, сўз очмагил ичимда қор турганимда,
Мен — мен эмас, эгилган шаън, эгилган ор, турганимда.
Дунё бевафолиғидин шикоятлар, айтма, эй дўст,
Айтиб-айтиб йиғламоққа ўзим тайёр турганимда.
1996 йил 12 сентябрь

* * *

На хижолат тортдинг, на-да уёлдинг,
Берар қўл йўқ сенда, тунадинг, олдинг.
Жой қуриганмиди, йўлингни, дунё,
Маним юрагимнинг устидан солдинг!
1996 йил 12 сентябрь

* * *

Қийналиб еб-ичаётган дўстдан хабар ол,
Қайтмас бўлиб учаётган дўстдан хабар ол.
Сену биздан сал олдинроқ йўлга отланган —
Чин дунёга кўчаётган дўстдан хабар ол.
1996 йил 12 сентябрь

* * *

Ҳамон кўзим ёндирар зар, не дейман, —
Ҳамон кўнглим гулга ўхшар, не дейман, —
Оғир жилар гуноҳларим кемаси, —
Қодир Оллоҳ, тонг-ла маҳшар, не дейман?!
1996 йил 12 сентябрь

* * *

Бир орзум бор, йўкдир бошқа илинж, ғам,
Оллоҳ берармикан шуни сўрасам:
Эгнимга бир ҳикмат, бир либос берса,
Бошимга ҳикматдан рўмол ўрасам.
1996 йил 12 сентябрь

* * *

Кўрдим боғ-хас бўлган кунни,
Баландлар паст бўлган кунни,
Ҳақ юзига чангал солиб
Номард йўлбарс бўлган кунни.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Намозгарим ўтмай туриб, шом олдим, ёраб,
Қўлга афсус-надоматдан жом олдим, ёраб.
Ҳарчанд яхшилик истадим улусқа, аммо
Ўзим ёмон отлиғ бўлиб, ном олдим, ёраб.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Тўдани кўр, аҳмоқлари ўр бўлиб олган.
Ҳар пучмоқни эгаллаган, зўр бўлиб олган.
Фозиллари аралашмас майда ишларга,
Оқиллари кўрмайди ҳам... кўр бўлиб олган.
1996 йил 14 сентябрь

* * *

Мен бир эдим. Қодир Оллоҳ минг қилди,
Ўзи кураш майдонларим кенг қилди.
Қилич-қалқон бериб, руҳим қўзғатиб,
Жанггоҳдаги лашкар билан тенг қилди.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Айтдим. Энди дунё дардин айш иси айтсин,
Боболарнинг ўнгиб кетган дўпписи айтсин.
Чинларини чайнаб айтсин алдамчилари,
Динларини Қуръон билмас сўфиси айтсин.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Алданма. Саробдир жимирлаб ётган,
Савдогар дунё бу, лойларга ботган.
Қора терга тушиб, лунжлари шишиб,
Яхшини ёмонга сотгани сотган.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Қайга кетди бизни суйган қуёшлар, ойлар,
Қуриб қолмадими бизни оқизган сойлар
Худовандим, дўстларимнинг бошин омон қил,
Қуламасин улар қўнган карвонсаройлар.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Сизлар шодлиғ, мен эса дод ҳақида айтаман,
Маст-аласт давралардан ёт ҳақида айтаман.
Суринган от ҳақида бўлар менинг айтарим,
Пистирмадан отилган от ҳақида айтаман.
1996 йил 13 сентябрь

* * *

Кетдим. Қолди тенгу-тўшим, кетдим мен,
Фосиқларга тушгач ишим, кетдим мен.
Инжу эдим. Лой чаплашиб сотдилар,
Бу бозорда нархим тушиб кетдим мен.
1996 йил 14 сентябрь

* * *

Қидир, дунёи дунда муродинг берар йўл бор.
Қайдадир қилни қирққа синчиклаб ёрар йўл бор,
Ҳар қалбга ҳам йўл бордир, ахир йўллар ичинда
Қодир Оллоҳ уйига, Каъбага борар йўл бор.
1996 йил 14 сентябрь

* * *

Бир соридан ғам, чоҳ келади,
Бир соридан дард, оҳ келади.
Кул бўлмай тур, бошқа соридан
Сени суйиб Оллоҳ келади.
1996 йил 15 сентябрь

* * *

Биров мендан нон сўрар, биров болим сўрайди,
Ўзида сол борлар ҳам бот-бот солим сўрайди.
Биргина Оллоҳ берар, иншооллоҳ, у бир кун
Бош устимга эгилиб, маним ҳолим сўрайди.
1996 йил 15 сентябрь

* * *

Осмоннинг тўлин ойи куйганлар орасида,
Бехато урар ёйи куйганлар орасида.
Зоҳири чарақласа, ишонманг, ботинида
Ҳалиманинг ҳам жойи куйганлар орасида.
1996 йил 1 август

* * *

Сенсиз ҳам дунёни, дўстим, кўрамен
Фақат мағзин эмас, пўстин кўрамен,
Сенсиз бу дунёни кўрганим қурсин,
Сенсиз уни остин-устин кўрамен.
1997 йил 1 август

* * *

Дўсти жон, кетма, кетсанг бу жон уволидан қўрқ,
Ўртада ўртанар тоғ, гумон уволидан қўрқ.
Муҳаббат далаларин бошоқлари ғарқ пишган,
Кузда эгасиз қолган хирмон уволидан қўрқ.
1997 йил 2 июль

* * *

Қай кўкларни мўлжаллаб эсдинг,
Қандай жону-жаҳд билан ўсдинг.
Боши бахтга етай деганда
Оёғидан чопилган дўстим!
1997 йил 2 июль

* * *

Ер асли одамга ризқ эканига, не дейсан,
«Бор бойлигим — одамга» — деганига, не дейсан,
Буғдой-бошоқ ўстириб тўйдирган одамини
Бир кун келиб ер ўзи еганига, не дейсан?
1997 йил 2 декабрь

* * *

Гоҳ чароғон кулгу, гоҳо ғам оҳдирман мен —
Гунгмен, гарчанд кўп гапларга гувохдирман мен,
Кўп ишонманг сиртимдаги қуруқлигимга,
Кўз ёш денгизини шимган қумлоқдирман мен.
1997 йил 2 декабрь

* * *

Оллоҳ, мен ҳеч ким, бнр саргардон қулман,
Узмагин, титраниб турган бир қилман.
Бобуршоҳ топмаган ғамгусорларни
Қон йиғлаб излаган битта ғофилман.
1997 йил 3 июль

* * *

Сеҳру-сабоғимиз устидан юринг,
Доғ ўлдик. Доғимиз устидан юринг.
Чорланг. Биз борайлик, ё ўзингиз келиб
Қошу-қабоғимиз устидан юринг.
1997 йил 3 августп

* * *

Умримга киринг, — деб ёзиб юбордим,
Янчилдим, теринг, — деб ёзиб юбордим.
Мени чорланг. Ёқи... ёки ўзингизни
Мунга келтуринг, — деб ёзиб юбордим.
1997 йил 3 августп

* * *

Ишим — кўкартмоқдир. Ҳут менинг дўстим,
Эскиман, масжиду бут менинг дўстим.
Қанча оёқости қилинган билан
Поймол бўлмайдиган ўт менинг дўстим.
1997 йил 9 августп

* * *

Ўтмас пичоқ бир кун ўткир тиғ бўлгай,
Бу чўп балки абад синмас мих бўлгай.
Бугун сен қақшатган бола ҳам, балки,
Бир кун келиб шайхул машойих бўлгай.
1998 йил 22 январь

* * *

Бугун шод бўлсам-да, бўлсам-да комрон.
Қўл ёқамда, «тавба» тилимда ҳар он.
Чунки мени ғамдан тўсган 6у девор
Қачон қуламоғи Оллоҳга аён.
1998 йил 22 январь

* * *

Тирик жонлар бир-бирига қув бўлди.
Ким ўзарга чопа-чопа сув бўлди.
«Биз ҳам чопиб келдик. Сиз ҳам келурсиз»,
Қабристондан келган садо шу бўлди.
1998 йил 22 январь

* * *

Дилни чиркин ҳою-хаслардан бўшат,
Ҳаром дўсту, ҳаром дастлардан бўшат.
Паст-нокаслар ўраб борар гирдобдай,
Юксак, узил, ўзни пастлардан бўшат!
1998 йил 22 январь

* * *

Оҳ, одам-а, еру-кўкни ўйиб сен —
Олибсан сен, ола-ола бойибсан.
Фақат кўнгил, Оллоҳ яшар жойингни
Нафсга, наҳсга, насга бериб қўйибсан.
1998 йил 22 январь

* * *

Дунё — сирдир. Қани, бир не билолсам.
Гуноҳ — юқдир, қани, олдга жилолсам.
Оллоҳ шундай қудрат берса, бир умр
Бомдод намозини давом қилолсам.
1998 йил 22 январь

* * *

Оллоҳим, даргоҳингга кеч кирганларни кечир,
Покланмай кўнглида кин, ўч кирганларни кечир.
Қурбон бермасдан туриб, Қуръон талаб зотларни
Дард чекмасдан дармон, деб қичқирганларни кечир.
1998 йил 22 январь

* * *

Кетаётган карвонларга бефарқ боқманг, вой бордур.
Оҳ, уларда кетаётган қуёш бордур, ой бордур.
Бизам бунда мангу эмас, бир кун келар, кетажак
Карвонларда сиз-бизга ҳам ажратилган жой бордур.
1998 йил 23 январь

* * *

Биродар, суриштириб, ичим қайта ёндирма
Даҳри дунда тентиган бир юраги қондирман.
Асли йўлсиз дунёда йўл топаман, — деб ҳалак,
Йўлин йўқотган одам, адашган карвондирман.
1998 йил 23 январь

* * *

Дил ярим, дин ярим, ҳолимизга вой,
Ҳолимизга қуёш куяр, куяр ой.
Расулуллоҳ қушдай қўнган жойнамоз
Биздек осийларга берармикан жой?!
1998 йил 22 январь

* * *

Қўзғол, аммо жонга келмай кўзғолма,
Бефарқ, беиймонга келмай қўзғолма.
Жунун, ишққа ишғол бўлмасдан туриб,
Оғриқ устухонга келмай қўзғолма!
1998 йил 29 январь

* * *

Сўнгги оним келса... оғочу-дорим
Тайёр турса, учса энг сўнгги зорим.
— Сўнгги бор кўрсат, — деб сени сўрасам,
Ноумид қилмасми парвардигорим!
1998 йил 29 январь

* * *

Гуркираб яшаркан бой мен-у, бий мен,
Демак, бийлик келган, кетгандир иймон.
Бир умр дўзахда яшаганимни —
Сўнг лаҳзада англаб қолган осиймен.
1998 йил 29 январь

* * *

Ташқарида ёз боши. Базми илиқ бошланган,
Тўй тунларин ёритар ёнар пилик бошланган.
Ичкарида, кўнгидда ғам узра ғам, изғирин,
Нам узра нам. Тойдирар, лойгарчилик бошланган.
1998 йил 29 январь

* * *

Бошоқлар тўлишди. Тўздирма, эгам.
Ҳалокат базмини туздирма, эгам.
Нимани узсанг уз, нени қирқсанг, қирқ,
Онамнинг умрини уздирма, эгам.
1998 йил 6 ноябрь

* * *

Ёраб, одам ўзин ўярмикан тинч,
Шундай ўз қонига тўярмикан тинч.
Шунча кўп иш кўрдим, бу кўрганларим,
Мени қабргача қўярмикан тинч?!
1998 йил 7 ноябрь

* * *

Дунё шу. Битиролмаймиз биз ҳам кам-кўстни,
Бир мағз йўқотиб йиғлама. Ўпма бир пўстни.
Менга йиғла, мен кўтариб юрибман ахир
Кўкрагимда қанча-қанча бедарак дўстни.
1998 йил 10 ноябрь

* * *

Гарчанд, ҳар базмга етиб бораман,
Зоҳиран шоҳ, ботин етим бораман.
Карбало даштида каззобларга дуч
Таланган карвондай кетиб бораман.
1998 йил 8 апрель

* * *

Дунё қиё боқмас. Солланиб ўтсанг
Унга фарқсиз ким сен, арслонми, итсан?
«Арслоним эди», деб йиғлар ғар дунё,
Эртага саҳрода бенишон йитсанг.
1998 йил 8 апрель

* * *

Кетмоқ ғамин кўрдим ҳорғин бияда,
Гуллаш хабари бор қирда, қияда
Ҳар лаҳза беҳадик гуркираб ён, дўст!
Ўчмоқ хатари бор ҳар сонияда.
1998 йил 8 апрель

* * *

Борлиқ, — деб югурдик биз омон-омон,
Қора терга тушиб чопамиз ҳамон.
Англамай чопамиз, тўрт томон йўқлик,
Ҳар босилган қадам йўқликка томон.
1996 йил 14 январь

* * *

Бир бағри бутунга ҳам харидор бор,
Дил ярим, тутунга ҳам харидор бор.
Сен бир қучоқ гулсан, кўксингни кўтар,
Бир қучоқ ўтинга ҳам харидор бор.
1998 йил 11 февраль

* * *

Кўза — сен. Атрофинг иғво, ҳасад, кин,
Дунё уммони бу, лим-лим ёлғон, чин.
Бу уммонда чўкиб ғарқ бўлмай десанг,
Топгин ўз оғзингга маҳкам бир тиқин.
1998 йил 11 февраль
Nom: Re: Saylanma. Halima Xudoyberdiyeva
Yuborildi: ЖАМШИДЖОН 05 Avgust 2009, 09:09:01
- СЎНГГИ ЙИЛЛАР ШЕЪРЛАРИ -

Фақатгина олар дўстмас, берар дўстинг бўлса ҳам,
Ўзинг тик кет, омонатдир, бир устунин ушлама.
Қабргача, ўлимгача борар дўстинг бўлса ҳам,
Ўлимгача ўзинг тик кет, йўлларда ер тишлама!


МОҲЛАРОЙИМ ТУҒИЛАЖАК...

Нодираи даврон фожиаси, Машраб, Мирзо Улугбек фожиаси кунлари каби халқимиз тарихида қонли ёшлар тўкадирган, ўз қонли ёшларимизга ўзимиз чўкадирган кунлар бўлиб қолади. Ўтмишни ўзгартириб бўлмайди. Аммо ундан сабоқ олиб, хулосалар чиқариб, яшаш ҳар мўмин-мусулмонга ҳам қарз, хам фарздир...

— Халқим, — дейман руҳим тушиб,
Кимлар кўнглинг тўқ қилдилар.
Минг сўқиринг тил топишиб
Бир уйғоғинг йўқ қилдилар.

Нодира шеър айтди эриб,
Ўликка ҳам ўт, куч берди.
Лекин биров фатво бериб,
Насруллога қилич берди...

Халқим, гарчанд ўткир тиғсан,
Ёлғизланма, кўш-қўш ўтгин.
Насруллодай ўғил туғсанг,
Жоним онам, бепушт ўтгин.

Айтгин, халқим, орим, шаъним,
Биз у йўлдан бормаймиз, — де.
Қайта топсак... Нодирани
Насруллога бермаймиз, — де.

Уйғондик де, тиклан, қалққин,
Кўзларингда кун кулажак.
Сен инонтир, шу кун, халқим,
Моҳларойим туғилажак.
1994 йил 30 апрель


ЭНДИ СЕН КЕЛГУНИНГЧА...

Энди сен келгунингча ҳижрон яшар мен билан,
Юлдузлари фаромуш осмон яшар мен билан.
Беҳиштий чечаклари бошини маъюс эгган,
Булбуллари йиғлаган ошён яшар мен билан.
Кўклам эккану-тиккан, пишиқчилик фасли йўқ,
Эгасига кўз тўрт, хирмон яшар мен билан.
Ўрмон эдим, тик йўлбарс қарқара солар ўрмон,
Бул кун йўлбарсдан айру ўрмон яшар мен билан.
Жисмимда жонлигингни билиб ҳам кетдинг, нетай,
Жоним сен билан кетган, армон яшар мен билан.
1996 йил 23 февраль


МЕН ОҲ УРСАМ...

Мен оҳ урсам пайдо бўлар бир жанггоҳ,
Учқур ўқлар ёйларидан қўзғолар.

Дала-тузда ўзин уриб излаб роҳ
Қушлар қиру-сойларидан қўзғолар.

Мен оҳ урсам фарёд солар кўкда моҳ,
Ғам ғам чекиб тойларидан қўзғолар.

Фитна чоҳига тушганлар узар чоҳ,
Оёкдаги лойларидан қўзғолар.

Мен оҳ урсам ҳозир бўлар бир арвоҳ,
У — онам. Тинч ўйларидан қўзғолар.

Мен оҳ урсам онам билан уриб оҳ,
Туркий сўзлар жойларидан қўзғолар...
1996 йил 14 февраль


АРМОН

Оллоҳ, бизлар карвон-карвон,
Майли, бўз ё, кимхоб ёпгин,
Бир Навоий топ бизлардан
Ёки битта Темур топгин.

Оллоҳ, бизлар карвон-карвон,
Биримиз ўт, биримиз об.
Бир Нодира топ бизлардан
Ва ё битта Қурбонжон топ.

Топгин, бўлса йилт этган нур,
Ўтди, ўтар карвон-карвон.
Тополмасанг эсиз умр
Сенга армон, бизга армон.

Карвонлари изсиз кетган
Туркий дала-тузга армон.
1996 йил 19 январь


БИРЛАШИНГ

Кел, ўрмоннинг тулкисими, шери сен,
Ким бўлсанг ҳам, кел ёнимга, бери сен,
Сен ёт эмас. Худди мендек эртага
Турк боласин босиб юрар ери сен.

Ер устида чиқмадик урушлардан,
Ер устига сиғмадик, лек ботармиз,
Ер остида бу хунолуд ишлардан
Афсус чекиб, пичирлашиб ётармиз.

Эй, Сиз элнинг тик ўмровли шерлари,
Сур — сурлашмай сурон солинг, эрлашинг!
Бугун — одам, эрта — элнинг ерлари —
Ерга айланмасдан туриб бирлашинг!
1996 йил 16 январь


БЕДИЛОНА

Ёшланмаган бирор кўз учратмадим,
Бемор қалбга малҳам сўз учратмадим.
Ўзимнинг бўл, дедим ҳар ўзгага, лек
Ўзга ўзга бўлди, ўз учратмадим.
1996 йил 18 январь


ОТЛАР БЎЛСА ЭГАРЛАНГАН

Шундай, яна йўлдадирмиз,
Отларимиз эгарланган.
Юракми, юрақдан айтма,
Юрагимиз чегаланган.
Отларимиз эгарланган.

Шу дарз кетган юрак билан
Ҳаёт дарзин чегалаймиз.
Иншооллоҳ, гуркираган
Соғ дилларни эгаллаймиз.
Ҳаёт дарзин чегалаймиз.

Ажабо, бу тўқлик қайдан,
Нега, гарчанд маҳзун паймиз.
Нега Темур қайтгандайин
Турон юртга эгадаймиз.
Ажабо, бу тўқлик қайдан?

Нега ҳамон ачишар тиз,
Зирқирайди ёдларимиз,
Муҳими шу, Тўмарисмиз,
Эгарланган отларимиз.
Нега ҳамон ачишар тиз.

Айру тушмасмиз ҳеч қачон,
Гарчанд юрак чегаланган.
Юракдаги дод бўлса эрк.
Отлар бўлса эгарланган
Эгарланган от бўлса эрк.

Айру тушмасмиз ҳеч қачон!
1996 йил 4 июль


УНИ МЕНГА БЕР
(«Онам хусусида қайгуларим» туркумидан)

Мен унга қолганда бўлдим қизғанчиқ,
Ундан йироқ куним кўксимда санчиқ.
Мен эмас, у менга бўлди суянчиқ
Онамни четроққа берма, Оллоҳим!

Қайғу қир-ўрини сезиб ҳидидан,
Ғам чиқар мўрини сезиб дудидан,
Уни опқочдим, ўп, руҳ, вужудидан,
Онамни титроққа берма, Оллоҳим!

Кунига би-ир ярай, Уни менга бер.
Йўлида кўкарай, Уни менга бер,
Гўдакдай кўтарай, Уни менга бер,
Онамни тупроққа берма, Оллоҳим!
1998 йил 6 февраль


БИБИ ФОТИМА ДУОСИ

Оллоҳимдан тилаганим,
Майли, бахт ё алам берсин,
Бир зирх фикр берсин менга,
Битта соқчи қалам берсин.

Бу зирҳни мен жоним ийиб
Ватанимга кийдирайин,
Ўк ўтмас, тик андомини
Жаҳон аро суйдирайин.

Кийдирайин омон чиққин
Тегирмоннинг дўлидан деб.
Бу зирҳ менмас, Улуғ Биби
Фотимамнинг қўлидан деб.

Кўп кўрдик деб заволларни,
Куйинманг, эй жони қиллар,
Али қўллар ҳалолларни,
Муҳаммаднинг ўзи қўллар!

Бир зирҳ, тағин, бир қалам бер,
Соқчи қаламки, куч келгай.
Келмас, ёв келса аввал шеър,
Аввал қаламга дуч келгай!

Олмаса эл ғовларини
Шоир зоти оқмай тинсин.
Зарби элнинг ёвларини
Синдирмаса, қалам синсин.

Ватан,
Энди заволинг йўқ.
Гарчанд ўтда кўп куйдинг Сен.
Тўзмассан, Биби Фотмамнинг
Дуосидан зирҳ кийдинг Сен.

Ватан,
Отам, болам, шаъним —
Туркий насим, муборак!
Дуо билан зирҳланганим,
Ўқ ўтмасим, муборак!
1998 йил 9 август


ЕРИНГ БУ!

Ер айтармиш: Кўзинг ерга олма, деб,
Тағин ерга беписанд кўз солма, деб.
Туриб тур, — деб, юриб тур, — деб, ўлма,
Товонингни ўпадиган еринг бу!

Майдон бу. Кўпкари тортар отингни,
Мункиб кетсанг худога айт додингни.
Хавф-хатарга қўйиб тинч ҳаётингни,
Не улоқлар чопадиган еринг бу!

Дўсти азиз, шодумон бўл, бўлма хор,
Дорбоз бўлгин, ер ҳам асли симу-дор,
Худо олса йўқотгайсан зору-зор,
Худо берса топадиган еринг бу!

Аслида шу ердан бошқа нима нақд,
Омонат-ку қолган барча тожу-тахт,
Тик чоғларинг бериб дармон, бериб шахд,
Йиқилганда ёпадиган еринг бу!
1997 йил 9 август


НАҲОТКИ...

Мен кетсам, ким?
...Қўрқув кўксим ёради.
Кетсам, музларда исиниб чиқар ким?
Ким кул орасидан қад кўтаради,
Харобазорларда униб чиқар ким?
Ким дўзах, ўтларда кетмайди эриб,
Пиёдага дўнар шоҳлик, тузликдан.
Бор ҳавони бошқаларга қўшқўллаб бериб,
Ўзи ҳалок бўлар ҳавосизликдан!
Ёлғиз жони...
У ҳам Оллоҳга эҳсон,
Шундан балки жонин ололмайди дор.
Наҳотки, дунёда мендек саргардон
Ўтиб борар бошқа девона ҳам бор.
Наҳотки...
1997 йил 9 апрель


ҚАРАМЛИК

Юлдузлар ойга қарам,
Ўқ асли ёйга қарам.
Қарқарали ҳумой ҳам
Бошқа ҳумойга қарам.

Осмон қушларникидир,
Оқшом тушларникидир.
Тенгсиз дуч келмасин, тенг
Тенгу-тўшларникидир.

Қон томса-да ярамдан,
Сизга қалқон, карамман.
Сизни-ку билолмадим,
Ёр, мен сизга қарамман.
1996 йил 20 август


ФАҚАТ ИШҚИНГ

Неки олдим, бахтми, тахтми қарз бари,
Бари бир кун қўлларимдан кетгайдир.
Бу боғнинг ҳам чаппар урган гуллари
Ранги ўнгиб, йўлларимдан кетгайдир.

Гарчанд ҳали мушки-муаттар, қара,
Куз кириб келмоқда уриб бар, қара,
Икки ўрим сочим — дарё, қарқара,
Қаён кетса белларимдан кетгайдир.

Дунёларим шамол қилар қаҳратон,
: Не қилса бир амал қилар қаҳратон,
Саҳроларим қамал қилар қаҳратон,
Қарға, қийғир чўлларимдан кетгайдир.

Таназзулда, ярқираган он ичра,
Қонга, шонга менинг билан бир учраб,
Фақат ишқинг, жоним ичра, жон ичра,
§ Кетсам, тупрок, гилларимда кетгайдир.
1996 йил 18 январь


КЎНГЛИМДАГИ АРСЛОН

Юрагимга она арслон қўйган ин,
Парвардигор, руҳим ўзинг кўтаргин.

Даргоҳингда топширгунча мен жонни,
(Ўлдирмагил кўксимдаги арслонни.

Ўрмалабми келаётир сокин хоб,
Оллоҳ, уни қайтармоқнинг йўлин топ.

Ўрмалабми келаётган тулки, қуш,
Балки менга раҳми келар «бояқиш».

Ўрмалабми келаётган олчоқлар,
Бир кун қаддин кўтармоққа дил боғлар.

Ўрмалабми иғво, ҳасад кўринар,
Кўзларимни кўзлаган дард кўринар.

Инимга йўл излашар-у, қилиб қасд,
Хунимга йўл излашганин пайқашмас.

Булар шундай шахдимга қил теккизар,
Кўнглимдаги арслонга тил теккизар.

Йў-ўқ!
Мен таслим бўлмай туриб, сўрмалаб,
Қонимизни ичадиган маст йўқдир.

Она арслон ўлмай туриб, ўрмалаб
Бу ўрмонга кирадиган кас йўкдур.

Юрагимга она арслон қўйган ин...
1994 йил 23 февраль


БУ УЛУҒ КАРВОННИ КИМЛАР ТАЛАДИ?

Бу улуғ карвонни кимлар талади,
Йўл устинда ўғри, шумлар талади.
Саҳро аро чулдираган булоқни
Чор тарафдан сиқиб қумлар талади.

Туя қилиб, юкларини ортқилаб,
Қўймадилар кулагунча тортқилаб,
Бир кафт яшил майсазорни турткилаб,
Тақир тепа, гунг уюмлар талади.

Шилиб олиб терисию тўнини,
Юлдузларин юлиб олиб тунини,
Чертсанг жаранг берар тоза чиннини
Сопол идиш, лой буюмлар талади.

Биз кузатдик яқинроғига бориб,
Бир ёмғирлар, қаро балчиққа қориб,
Бир харсанглар тушди бошларин ёриб,
Оёқларин чирмаб чимлар талади.

Яшаяпмиз, шундай сипо, сур бўлиб,
Дил сал нотинч, кўзлар тинчу, кўр бўлиб
Дўстлар ҳайрон, такрорлаймиз жўр бўлиб:
«Бу улуғ карвонни кимлар талади?»
1991 йил 13 сентябрь


НЕНИКИ КЎРДИМ КЕЧА...
(«Ўш-Ўзган фарёди» туркумидан)

Нечун қизғиш бу кеча,
Қайдан бу қор, қурум, гард,
Неники кўрдим кеча
Бугун унутмоғим шарт.

Мендан сўраманг, чеча,
«Борми кўнгли қўрғон, мард?»
Неники кўрдим кеча
Бугун унутмоғим шарт.

Қавмим, белбоғинг еч-а,
Уят, терларингни арт.
Неники кўрдим кеча
Бугун унутмоғим шарт.

Ожиз, гўллигинг кўрдим,
Бир-бирин ғажиб, еган
Ножинс қуллигинг кўрдим,
Негаям кўрдим, нега?!

Гарчанд не кўрдим кеча
Бугун унутмоғим шарт,
Бир кун чироғим ўчар
Мен билан кетар бу дард.

Гўримда ҳам куяр ой
Совурилиб ётарман.
Кўрганларим унутмай
Қовурилиб ётарман.
1990 йил 4 сентябрь


ҲАЁТ ЭКАНИНИ БИЛМАБМАН

Саратоним суриб, ёвуқ келди куз,
Жазирамада ҳам титраган қалбман.
Сизсиз саратон ҳам ичираркан муз,
Мен буни билмабман.

Сизсиз шамол бузар қўрғон, қалъамни,
Хуркак гўдагимни ўксиб суяман.
Қулоғимда титраб турган халқамни
Кўздан панароққа олиб қўяпан.

Кўнглимга сиғмайди, кўзимга сиғмас,
Тўккан кўз ёшимда тойиб бораман.
Шаму шаън хақида ўйламай кўйдим,
Ғамдан хеч камим йўк, бойиб бораман.

Ишқни мен ишқ дебман, дебман висол, кўрк,
Дод, ёд эканини билмабман.
Ишқ озодлик экан, экан қўрғон, эрк —
Ҳаёт эканини билмабман.
1996 йил 29 июнь


ЎЗИНГ ТИК КЕТ...

Билолмасман, бу дунёси ҳикматму ё сийму зар,
Тилсимларин ечмоқ бўлиб қанча чопмай ҳайронман.
Кошонамни, хос хонамни синчиклаб кўрадилар,
Кўнглим кўрар, кўнглим сўрар бир дўст топмай ҳайронман.

Бир ўй сингди юрагимга худди наштар, худди ўқ,
Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ!
Зоғлар сендан чекингайдир, ҳатто боғлар кетгайдир,
Ўстирганинг учун қуллуқ, Сен деб озор чексинми?

Ўзинг ердан кўтарганинг — тоғлар сендан кетгайдир,
Яқинлаб бор, бирор тоши танимаса ўксинма!
Ҳориб суянмоқчи бўлсанг, боғ қуриган, бодом йўқ,
Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ!

Фақатгина олар дўстмас, берар дўстинг бўлса ҳам,
Ўзинг тик кет, омонатдир, бир устунин ушлама.
Қабргача, ўлимгача борар дўстинг бўлса ҳам,
Ўлимгача ўзинг тик кет, йўлларда ер тишлама!

Адл яша!
Билган ҳолда, кўзларингда мотам йўқ,
Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ!
1997 йил 20 июнь


ТИРИК ҚЎНҒИРОҚЛАР

Ҳаво истаб тишга чиқмиш бор жонзот,
Бор ҳавою, бор наво наврўздадур.

Ҳайрон бўлма, жаннат иси қайдан деб,
Жаннат иси онанг кийган бўздадир.

Тузук излаб тўрт тарафга улоқма,
Асл тузук бобонг тузган туздадир.

Кетган отанг, онанг қайтиб келибди,
Синчков қара, улар ўғил-қиздадир.

Фасли наврўз ҳар дил қайта кўкласин,
Ҳар дил айтсин «маним кўнглим СИЗдадир».

Умр нима — ёниб битар аланга,
Маним умрим — ёниб борар СЎЗдадир.

Комил дўст, баҳоинг баланд, адл бўл,
Не истасанг ўзингдадир, ўздадир.

Бизни ҳимоя этганлар — ўтдилар,
Бугун ҳимоя этмокдик — БИЗдадир.

Биз ўлмасдан Дунё ўлмайди, демак,
Тирик қўнғироқлар ўзимиздадир.

Ҳаво истаб тишга чиқмиш бор жонзот...
1996 йил 12 март


ЎҚ ТЕГДИ

Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди,
Чатнаб турган, бозиллаган чўғ тегди.
Билмай қолдим, ер тегдими, кўк тегди,
Муҳаббатми, нафратми ё кек тегди,
Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди!

Гарчанд чекар дамлар сориғ кийиндим,
Улар илдиз, кўкартирган куйимдир.
Бир азобим айтсам бўлдинг куйинди,
Менга шундай мингта азоб, тиғ тегди,
Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди!

Азоб поклаб, бой этаркан кўнгилни,
Доғлар солиб ой этаркан кўнгилни,
Ўқи ўзғир ёй этаркан кўнгилни,
Шундай тик, бехато урар ўқ тегди.
Қонларимда мангу юрар ўқ тегди.

Ўқ тегди-ю, сайрон сайраб бошладим,
Забонимни тошга қайраб бошладим,
Кўнглим ичра йиғлаб байрам бошладим,
Бандаданми, худоданми туғ тегди,
Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди.

Майдонларда ютгунимча қўлловчи
Тожлар кийиб ўтгунимча қўлловчи,
Қаро ерга кетгунимча қўлловчи,
Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди,
Яшагайман энди кўнгил тўқ, тегди!

Тегди... шукур, булар бари худодан,
Юксаклардан юксак, нари худодан,
Менинг тўзмас болу, парим худодан,
Садо келди «ўзига тиз чўк, тегди!»
Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди.
1995 йил 18 ноябрь


МОҲЛАРОЙИМ, ЧИН ОЙИМ, АЙТИНГ...

Моҳларойим, чин ойим, айтинг,
Ҳамон дардимиз чекасизми?
Бизлар ғамдан тўкилган пайти
Гўрингизда сиз чўкасизми?

Номард юрса қад кериб, суйгун,
Мард тупроққа берса тўшини,
Тун сизданам қочарми уйқу,
Йиғлайсизми бизга қўшилиб?

Қўзғолонни, фитна, тўс-тўсни
Қуйиб ичга ютасизми Сиз?
Қўзғоларми қабрингиз Сизни,
Туриб, юриб кетасизми Сиз?!

Мендан сўрманг, менам сиздай хор,
Кўксим уммон, кўзимда нам йўқ.
Ҳамма тирик, ҳаммада тил бор,
Аммо ҳолинг сўрар одам йўқ.
1990 йил 27 ноябрь


ЎЛМАЙ ЮРСАМ...

Кўп ном олдим, энди бир ном олурман,
Сайлаб-сайлаб сархил бодом олурман.
Мен қаламни қачон олгум фарқи йўқ,
Саҳарми ё кеч кирар шом олурман.

Етмагандай кўнгил мулким титгани,
Қўймадилар иморатим битгани,
Мен-чи юксакларга сафар этгани,
Энди руҳга либос, анжом олурман.

Юрарканман, деб «Иймоним, баландим»,
Бошда сочим қолмагунча таландим.
Қодди фақат қонимдаги талантим,
Ўлмай юрсам ундан инъом олурман.

Оҳ, йўллардан шундай номард борилди,
Муҳаббатим қора лойга қорилди,
Садоқатли бошим сангдан ёрилди,
Ўз қонимдан лиммо-лим жон олурман.

Борим кетди. Кетса ундан нарига,
Осилганман Яссавийнинг барига,
Садо келар, Тангрим, кўнглим қаъридан,
Энди синмас Туркий калом олурман.
1995 йил 15 ноябрь


КУНИНГ КУЛСИН

Байрам қутлуғ, кунинг кулсин, Турким, Туроним,
Чин синдиму кўкрагингдан босган чўян тош.
Жаллод дунё, не ичирдинг, Соҳибқироним,
Беш юз йиллар ерда ётди кўтаролмай бош.
Кейин туркнинг эркагини армон тиғлади,
Аёллари қайта Темур туғмай йиғлади.

Не ичирдинг, Турон тахти ярқираган ганж,
Бўлинди-ю урвоқларга, қумга айланди.
Бўлинди-ю меросхўрлар тақдири аянч,
Шаҳзодалар майдалашди, шумга айланди.
Аввал даҳо бошида тож, бобом, деб суйдим.
Кейин моли талон-тарож бобом, деб куйдим.

Бир одамда бўлар эмиш ризқу-баракот,
Туркнинг туғи сизнинг билан ерга кетдими?
Кетдингиз-у, бу тупроққа қуйилдими дод,
Туркнинг шони Сизнинг билан бирга кетдими?
Ҳатто Сиздай сарбаланд туғ оёқ ости, хор
Мен дунёга нечун кўнгил қўяй, ҳукмдор?!

Кетдингиз-у етим ерга қўпди балолар,
Қавмингизни ҳар ўткинчи, иркит ит қопди,
Сиздан сўнг ҳам келди олтин бошли болалар,
Лек уларни қилич еди, жодилар чопди.
Минглаб кесик бошлар кетди юмалаб, тўзғин,
Сўнг юз йиллар қон ҳидидан изғиди қузғун.

Бири Машраб, Балхда қолди дорда осилиб,
Бирин Сибирь, кайинзорда бағрин тешди тиғ.
Бу излар-ку азал-абад кетмас босилиб,
Бугун шодмиз, кўтарилди поймол ётган туғ.
Туғ остида тирик, ўлик — қурбон кўраман
Ҳар бирининг кўксида бир Қуръон кўраман.

Иншооллоҳ, ишларимиз энди келгай ўнг,
Ўғлонлари ювар туркнинг кўнгил доғини.
Ким ўйлабди, улуғ Темур беш юз йилдан сўнг
Гўрдан чиқиб, болаларин жамламоғини.
Жаҳонгирга элга қайтмоқ — бахт қутлуғ бўлсин,
Авлодларга қайтган тожу-тахт қутлуғ бўлсин.
1993 йил 16 август


ГУЛ

Ўйлаб кўрсам, азоб чеккан, сўнган гулман,
Бўронларда қорайиб кўринган гулман.
Фақат завол кўрмагандир илдизларим,
Яссавийнинг мозорида унган гулман.

Фақат ҳамон ҳорғин таним чўқиларлар,
Қарашларин тешиб ўтар ўқ қиларлар,
«Ҳали ҳолин кўрамиз» деб дўқ қиларлар,
Деманг «аччиқ кўз ёшлари тинган гулман».

Ҳамон эркин ўсмоғимга йўл бермаслар,
Изғиринлар чимдиб кўзим очирмаслар,
Ҳамон улар назарлардан қочирмаслар,
Мен тилло сувларида артинган гулман.

Гарчанд, ҳали сориғ эрур япроқ, парим,
Кўклагайман, кўклатгайдир Оллоҳ карим,
Шул сиримдан огоҳ эмас рақибларим,
Мен Яссавий ётган ердан унган гулман.
1994 йил 19 февраль


ТУҒЛАРИМНИ ОЛОЛМАЙДИ ЁВ

Сева-сева баланд туғларни,
Ҳар тун дафтаримга кираркан,
Яшираркан, унга тиғларни,
Ханжарларни жойлаштираркан,

Сева-сева байроқларимни
Тунга туйғумни зич экаман.
Экмайдурман унга заримни,
Унга қаҳру-қилич экаман.

Эрксизлик жон-жонимдан ўтди,
Энди шеърим, ерим, гўрим — ғов.
Зич экаман... боролмас ўтиб,
Туғларимни ололмайди ёв!
1998 йил 11 апрель


БИР КУН СЕНИ КЎТАРАДИ

Тўғри, бори дардларини айтавермас най,
Кўксидаги доғларини қуш, оҳ, яширгай!
Ярадан қон тўкилгандай менинг кўнглимдан
Шеърларим тўкилиб турса, қандоқ яширай?!

Гарчанд гулмас, бировларга тутқазиб бўлмас,
Улар михланиб тўкилган, ўтказиб бўлмас,
Тураверар иссиқлиги, янгилигича,
Ювган билан бу қонларни кетказиб бўлмас.

Эй халқ!
Бизнинг дардларимиз юқумли ғоят,
Юксаласан бизнинг шавкат-шонлардан бир кун.
Бир кун Сени кўтаради бу ғамли оят,
Уйғонасан янги, иссиқ қонлардан бир кун!
1996 йил 6 июль


ОЛЛОҲ КЕЧИКТИРСИН...

Бу — кунботар, қизғиш, алвон кўринган,
Ботиши олдидан қуёш қизарар.
Келдик. Қайтажакмиз дунёи дундан —
Кетиши оддидан одам тозарар —
Оллоҳ калом берсин айтар вақтингиз,
Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз.

Ҳали Сизга не сир шивирлайди шом,
Бургутдай хезланар шиддат, кучингиз,
Жимирлаб турибди қўлингизда жом,
Илоҳо, сўнггига қадар ичингиз!
Оллоҳ булбул қилсин сайрар вақтингиз,
Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз!

Тўлишиб борасиз тўлин ойлардай,
Тақдир ёқангизга зар гул битади,
Елиб бораётган суқсур тойлардай,
Кунларингиз гуррос солиб ўтади.
Илоҳо, чўзилсин ой, зар вақтингиз,
Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз!

Сўнг онингиз қадар яшангиз гуллаб,
Сўнг... эл айтиб юрсин айтганингизни.
Кун келса... болангиз кўрсин-у, илло,
Отангиз кўрмасин қайтганингизни!
Мўралаб турса-да талх, тар вақтингиз,
Оллоҳ кечиктирсин қайтар вақтингиз!
1996 йил 6 июль


ВАТАН

Бошпанамми, бош паноҳим,
Қуёш, моҳим, манимсан.
Кўнглим куйиб айтар оҳим,
Қайтар оҳим, манимсан.

Намозшомгул, хонгулларим
Ўпади ўнгиримни.
Ялпизларинг — сингилларим,
Сотмайди бир сиримни.

Тўнсам офтобинг иситиб,
Тинсам сувинг жилдирар.
Қўними йўқ қушчаларинг
Айвонимда чулдирар.

Шу қушчалар орасинда
Мен беш гўдак ўстирдим.
Ҳар бирида Ватан отлиғ
Озод юрак ўстирдим.

Бир кун тугаб ўлан, айтим,
Олсам қаро ерга йўл,
Туғилганда бошимдайдинг,
Ўларда ҳам бошда бўл!

Ватан!
Шунда оиалигинг
Ногоҳ чуқур туйгайсан,
Беш боламнинг кўз ёшларин
Ўзинг артиб қўйгайсан!
1996 йил 6 июль


МЕНАМ ЎТДАН ЎТГАНМАН

Туманли тундан келдим. Энди тонгга кетаман,
Узлатда узок кечдим. Энди шонга кетаман.
Барорим бир жойдадир. Борарим бир жойдадир,
Туркистондан келганман, Туркистонга кетаман.

Нима фарқ бор, дунёда мангуманми, онийман,
Қаландарлик хиркасин кийдим, бошқасин киймам!
Муҳими, куйиб бўлдим, энди қайтадан куймам,
Менам ўтдан ўтганман. Менам Туркистонийман.

Умр нима, бир лаҳза, ўкдай меҳмон камонга,
Бугун майсадай қошу киприк бўлсам эҳтимол.
Эрта ким билар... балки замонлардан замонга
Турк болалар ўтгучи кўприк бўлсам эҳтимол!

Туманли тундан келдим. Энди тонгга кетаман!
1997 йил 3 апрель


ҚАСАМКИ...

Гарчанд тақдирим каж, лойли, сирпанчиқ,
Бўронли йўллардан келаркан юриб,
Тик сўзимни ерга қасамдай санчдим,
Мадори етганлар олгай суғуриб.

Қасамки, мозийнинг чироқларини,
Шуъласи, ҳадиги, титроқларини
Сезмасам, кўр кўрсам кўнглим қаърини,
Тутаб, тентиб юрмай ўчмоққа қасам!

Қасамки, шеър ёзсам маржондай тизиб,
Тўрт турким бир томон кетмаса сузиб,
Жаннат давронлардан кўнглимни узиб,
Дўзах оловида кечмоққа қасам!

Қасамки қонимда Машраб бор, маҳзун,
Мени кўкка тортар у илоҳий ун.
Зикр, ишқ, жунундан айро тушган кун,
Қаландар хирқасин ечмоққа қасам!

Эрк келди,
Эрк келди, кўнглим найдадир,
Дариғ, ҳар улкан тоғ бир кун майдадир.
Бир куни кетсамам руҳим қайтадир.
Руҳим, эркни қўриб учмоққа қасам!
1997 йил 3 апрель


ТИЛАК

Осмонда офтоб ўлсин,
Қўлда майи — ноб ўлсин.
Қабоҳатнинг китоби
Йиртилсин, боб-боб ўлсин.

Пирнинг чин пирлигини
Кўрмаса, айб йўқ, кўриб,
Тан олмай турса мурид
Хор ўлсин, хароб ўлсин!
1997 йил 3 август


УЙҒОН СЎЗИН АЙТГАЧ...

Чиримоқда Сибирда улуғ турк шоирлари.
Меҳмед Эмин Юрдақул,
1939 йил.

Тарих даштларини гоҳо қуюқ қор ёпган,
Бўлса ҳамки аён бўлган кимлар не чекди?
Беш қиличдай терагини бир болта чопган,
Менинг маҳзун онагинам, ҳолинг нечукдир?

Сирлар сандиғи очилар, кимлар не деган,
Кимни сотиб ўзи яйраб ўсган қайси жон?
Бешта ёвқур боласини бир қашқир еган,
Менинг маъюс онагинам бормисан омон?

Балки ҳамон тугамаган бошланган достон,
Танларига тупроқ эмас, соғинчлар ботар.
Ҳамон Сибирь совуғига кўниколмасдан
Улар бир-бирин қучоқлаб, исиниб ётар.

Улар Абдулла Қодирий, Файзуллоларим,
Акмал Икром, Усмон Носир, тик Чўлпоним-эй.
Кўмир қазиб, кўмир бўлган чин тиллоларим,
Улар бешмас, беш юз, беш минг увол жоним-эй.

Авахталар, шахталардан улар берар ун,
Ўйламангки, кукун бўлган, кул бўлган тинчиб.
Ер устида эрк туғини биз кўтарган кун,
Улар гўрда бир-биридан олган суюнчи.

Чўлпон бирдан Чўлпонлигин туйиб чопгандир —
Сочдан то тирноғи кадар куйиб чопгандир.
Қамоқ, зах ертўлаларда яғири чиққан,
Кир, беқасам чопонини кийиб чопгандир.

Эрк исини эрта сезган болаларини,
Зулм — оқимга қарши сузган болаларини,
Ота арслон елкасида ошиқ ўйнаган,
Она арслон сут эмизган болаларини

Олдирган эл, улар оддий болами эди,
Курашларда улар осон бердиларми жон?
Усмон «Уйғон» сўзин айтгач, ҳушдан айрилди,
Чўлпон айтгач, кўкрагидан келди лахта қон!

Асли кўз ёш, қон оралаб тойиб ўсдик биз,
Қон — ёруғлик. Ёруғлашдик. Бойиб ўсдик биз.
Қирққанлари, кесганлари сари кучландик,
Қанотларни тағин кенгроқ ёйиб ўсдик биз.

Она элим,
Минг шукурки, қолмадик тунда,
Тилак нгулки, қодир Оллоҳ ёнингни олсин.
Ҳар бир боланг Чўлпон бўлиб бош кўтарсин-да,
Эрк байроғи азал-абад ўзингда қолсин.
1997 йил 16 март


БИЛМАСМИЗ

Биз нечун осмонни кўра билмасмиз,
Чунки ер остига кира билмасмиз

Тескари бурамиз, дўстлар кетади,
Дарёни тескари бура билмасмиз.

Тўфон битта-битта синдирар бизни,
Ҳатто дарахтдай зич тура билмасмиз.

Балки илонлар ҳам қилолмасди даф,
Сувга балиқдай ғуж кира билмасмиз.

Шайтон кириб олган ич-ичимизга,
Уни руҳ, танадан қира билмасмиз.

Қай вайронани-ки тузатдик, туздик,
Баттар вайрон бўлди, қура билмасмиз.

Кўз ўткир вақтларда кўрдай яшадик,
Бугун кўзимиз ҳам хира, билмасмиз.

Дунёни билгичдай димоқлар осмон,
Билганимиз шулки, сира билмасмиз.
1997 йил 16 март


ЎЛМАСЛИК...

Қилич ишга тушар...
Қатл рўй беради!
Аммо олинган бош
Кетади юриб,
Бошлар иссиқ қонин
Ерларга суриб,
«Ўлмайман» сўзини ёзаверади!

Оёқ остдан тўнгак
Олинди, мана,
Руҳ дорулбақога
Қайтаверади.
Дорларда шалвираб
Руҳ ила тана
«Ўлмайман» сўзини айтаверади!

Дунё кетганда ҳам
Қонига ботиб
Бир кун тирик қолар
Бу тирик қасдлик!
Бор бўлсин жодида
Қирқилаётиб
«Ўлмайман» сўзини айтган ўлмаслик!
1996 йил 3 июль


ҲАҚҚИМ ЙЎҚ...

Биламан, на сийму, на зар кетса ҳам,
Ёнимдан дўстиму дигар кетса ҳам,
Ғамлардан қон бўлиб жигар кетса ҳам,
Кўзга ёш олмокқа менинг ҳаққим йўқ.

Тунги даштлари-ю дарасидан-да,
Кир-чир ёмғирларин орасидан-да
Мен овоз бераман кутилмаган дам,
Кўздан йўқолмоққа менинг ҳаққим йўқ.

Ватан, кулсин доим бошингда омад,
Хуш кунинг бўлсам ҳам унутилган хат.
Қўпмасин, бошингда қўпса қиёмат,
Чеккада қолмоққа менинг ҳаққим йўқ.

Босмасин, ёв босса эркнинг роҳини,
Қон билан ёзгайман элнинг оҳини.
Бошим кетганда ҳам жанг кулоҳини
Бошимдан олмоққа менинг ҳаққим йўқ.
1997 йил 16 март


«ОНАМ ХУСУСИДА ҚАЙҒУЛАРИМ»ДАН

Бошимдан фалокат тоши тўкилди,
Менга кўп нарсани уқтирди бу ғам.
Мени-ку билмайман, мени не қилди,
Онамни тамоман чўктирди бу ғам.

Билмам, қай куч билан бу ғамни чекдим,
Қандоғам чидадим ўтмас тиғига,
Сочим, тиш, кўркларим кетди, кўникдим,
Кўнмасман онамнинг кетмоқлигига.

Оҳ десам оҳларим, оққай, эшилгай,
Оллоҳим, сен қодир, мен камни қутқар!
Мен деб ғам ўқидан кўкси тешилган
Чўкиб бораётган кемамни қутқар!
1997 йил 4 март


ИНОНИШ

Шоирлари ҳайқирмаган миллат қондошлари тупроқ бўлган ўксик бола кабидир.
Меҳмед Эмин Юрдақул.

Энди ҳайқир,
Энди ҳайқир, ун зўридан
Дарёларинг тошиб келсин.
Маййитлар чиқиб гўридан
Озод, қучоқлашиб келсин.

Энди ҳайқир, азон олсин
Туркий дунё қамровини.
Эгик, бағри сўзон олсин
Ердан узиб ўмровини.

Ҳайқир, ўзбек ўздек ўлсин,
Ётлик унут. Чўкмайлик тиз.
Ғолиб, наррашерлик келсин,
Мотлик кетсин, қолдирмай из.

Ҳайқир, ҳайқириғинг ўзгай,
Бу наъра ширин, бол, ахир!
Пайғамбарни ҳам эмизган
Мушфиқ, мунис аёл, ахир!

Ҳайқир, олдинг эркни, тахтни,
Келар бахту барор яна.
Мусулмонга Муҳаммадни
Берган Оллоҳ берар яна!

Энди ҳайқир, ун зўридан
Дарёларинг тошиб келсин...
1998 йил 6 июль


ОШИҚЛИК СИЗДАН ЎТАРДИ...

Ошиқлик сиздан ўтарди, маъшуқалик бизданам,
Бугун йирокдасиз, дил муз, эрув билмас муз танам.

Бугун ҳижрон довулларин қучоғида қалтираб,
Исинмоққа ўт излайман Сизнинг мактуб, сўзданам.

Биласиз-ку қиш қуюни билан ғужғон ўйнардим,
Бугун кўкламдан совудим, кўнглим қолди кузданам.

Сиздан айру тушган кундан бор дунёдан айру Мен,
Кетаётган душманданам, келаётган дўстданам.

Хижрон сели белдан ўтди, кўксим, бўғзимга етди,
Келинг, мен ғарқ бўлмай келинг, айрилмайин ўзданам

Ошиқлик Сиздан ўтарди, маъшуқалик бизданам...
1998 йил 2 июль


ИШОНМА

Кетар йўл бор. Теграсида ўт, гуллар,
Кетмасайдим. Минг йил ўй сурар эдим —
Мен сабрнинг тошидирман. Минг йиллар
Остонадан кетмай ўтирар эдим.
Бир ой кутдим, сочларимга қўнди оқ.
Бир йил кутдим, дармон кетди тизимдан —
Бесабрдир, гулдирайди қалдироқ,
Бесабрлар сўрар ўғил-қизимдан.
Мен сабрли. Мендан оғир тош йўқдир,
Кетмасайдим. Кечиксанг ҳам майлийди.
Мана, артдим. Кўзларимда ёш йўкдир,
Мана, яна сабр отлиғ тўн кийдим.
Йў-ўқ!
Сабр отлиғ тўнлигимга ишонма,
Сабрда тошга тенглигимга ишонма,
Ишонмагил яшнаб турган гул, чимга,
Тағин...
Тағин менинг мангулигимга!
Тезроқ кел!

Кетар йўл бор, теграсида ўт, гуллар...
1996 йил 30 июнь


ДАРАХТ ФАРЁДИДАН БЕХАБАР...

Дарахт бардошидан қилса бўлар тож,
Қўрғошин ўйларга чўмиб келган пайт.
Қишнинг эшигига ўзи яланғоч,
Барглар, болаларин кўмиб келган пайт.

Борми бу дунёни кўролгувчи кўз
Кузатиб қушларнинг галаларини,
Сариқ ҳасрат бўлиб ёйиларкан куз,
Дарахт йўқлаганда болаларини!

Во дариғ!
Бу дарахт қандоғ ўлмайди,
Унсиз ўкириғи еру кўк бузар.
Дарахт кўз ёшини кўз-кўз қилмайди,
Дарахт ўз ёшини ичга оқизар...

Аёл!
Оллоҳга айт арзу-нолангни,
Майли, бешон ва ё бесамар ўтгин.
Фақат
Куз олмасин бирор болангни,
Дарахт фарёдидан бехабар ўтгин!
1996 йил 2 июль


ПАҲЛАВОННИНГ ХАР АЙТГАНИ

«Дарё ит тегса ҳам ҳалол». Маҳмуд ёзади.
Паҳлавоннинг ҳар айтгани ганждир, тозадир.
Лек водариғ, гоҳи-гоҳи бу чархи дунда
Дарё — ит теккач, оқмайди, ўзин осади.
Тизимдан дармоним кетиб, ўтираман лол,
Итлар гоҳо ғингшир, гоҳо қилиб турар даф.
Мен не дейин, гоҳ арслонни қилган-у поймол,
Итларин қантаролмаган ДУНЁГА қараб.
1996 йил 2 июль


ЭНДИ КЕТ

Энди кет!
Кутдирдинг, ёмон кутдирдинг,
Хижрон заҳарини шавқ-ла ютдирдинг,
Йиқилдим! Бошимда устивор турдинг!
Энди кет!
Ҳижрон йўлларида сочилди зарим,
Кутдим ишқим ярим, умидим ярим.
Бир-бир синиб битди қобирғаларим,
Энди кет!
Энди кет, шавкату-шон ортиқчадир,
Чанқаб қулагач, уммон ортиқчадир,
Тиланиб тўкилгач, нон ортиқчадир,
Энди кет!
Энди кет, бошқага дилингни ёргин,
Алвидо, кўнглимда на гина, на кин,
Энди кимга борсанг, вақтида боргин.
Энди...
Кет!
1996 йил 7 июль


ОНАНГ КЕТМОҚДА

Майса қайта кўклар,
Йўллар қайта ўрлар,
Дарахт қайта гуллар
Кўклам, кўк пайти.
Биргина одамлар,
Пешонаси шўрлар
Кетганча кетади,
Келмайди қайтиб.
Атрофда осойиш,
Сокиндир тўрт ёнинг,
Сен шошил, онангнинг
Оёқларин ўп.
Сочлари оқариб
Жим ўтирган онанг
Қайтмас йўлда кетиб
Бормоқда шип-шип.
Сени ўпаётиб,
Устинг ёпаётиб
Ширин таъмлар тотиб
Онанг кетмоқда.
Тунда тошдан қаттиқ
Боши ёстиғига
Болишига ботиб
Онанг кетмоқда.
Огоҳ бўл! Қачонки
Биз ундан толамиз,
У қушдай беозор
Учиб кетар жон.
Учарки, учганин
Сезмай қоламиз.
Қувиб етолмаймиз
Кейин ҳеч қачон!
1996 йил 20 июль


МАЖБУРИЯТ

Она, менга не берсангиз
Барин ўтказдим.
Аждодларнинг бор шамойил,
Шеваларини.

Менам Сиздай тинмай
Сабр дарахти ўтқаздим,
Тоқат билан тердим
Тоқат меваларини.

Барин бердим, нима бердим
Эс лолмаяпман...
Таажжубки, ҳеч вақом йўқ,
Шип-шийдам, ҳурмен.
Сиздан мерос баланд бўйни,
Озғин қоматни
Қизимга беришга мажбурмен.
1996 йил 12 июль


СЕН ЎЛМА ФАҚАТ!

Чида, тўкилмагин, оз қолди йўлим,
Бу ёзганим балки, Сенга сўнгги хат —
Сени мен топаман, топмайди ўлим,
Сен ўлма фақат!
Гарчанд қуш, чечаклар кетди терс томон,
Бизнинг шаън боғларда қўпди қиёмат.
Биз қиёматдан-да чиққаймиз омон,
Сен ўлма фақат!
Гарчанд юрагим ўт, билагим бардам,
Ғамнинг тойларини тахладим қат-қат.
Лоладай кетгайман қайғузорлардан,
Сен ўлма фақат!
Ўқдай тик йўлларни қарс бурганимда,
Ўқ томир дарз кетар, оғриқ билмас ҳад!
Фақат,
Сени топай мен борганимда
Сен ўлма фақат!
1996 йил 20 июнь


ЎСТИР ХУДО ДЕГАН ШУ МАМЛАКАТНИ!

Силкингин,
Ўзингда бир наъра уйгот.
Силкинсин ҳар томир, ҳар зарра, уйғот!
Ўзингни ҳар куни беш карра уйғот,
Жисму жонни уйғот,
Уйғот ниятни!

Бирман деб чекинма. Оллоҳ минг қилгай,
Тор нажот йўлидан қўрқма, кенг қилгай,
Ерсан, у кўтаргай, кўкка тенг қилгай,
Тик тизларга ўзи бергай қувватни!

Мозийдан тилсим шарҳ, хомалар келар,
Тўфонда адашган кемалар келар,
Эзилган, тўзғиган номалар келар,
Ўзинг тиклагайсан бу сирли хатни.

Жазм эт, сарбадорлик кулоҳини кий,
Билмайсан, қонингда қанча сир, ваҳий,
Қонингда қичқирар қанчалаб доҳий,
Уйғотмоқлик учун одамиятни!

Сен эй, мизғиб, мудраб бораётган дўст,
У қонлар жисмингни қилгайлар тўс-тўс,
Ҳар лаҳзада уйғон! Ҳар лаҳзада ўс!
Ўстир Худо деган шу мамлакатни!
1997 йил 2 апрель


ИККИЛАНИШ

Тошман.

Атрофимда юриб кўрарлар,
Тегиб, у ён-бу ён суриб кўрарлар,
Нимадан иборат ўзи бу тош деб,
Силаб, ўзларига буриб кўрарлар.

Мен ўша тошдирман, оддий бир тош, бас,
Ёшлари кўзида қуриб қолган тош.
Фақат сел, дўл билан улоқиб кетмас,
Ўжар, ўз сўзида туриб олган тош.

Тун авраб айланар, ўргилади тонг,
Оллоҳ, сен уларга мени янчдирма,
Бироқ,
Улар менга бунча гиргиттон,
Ўзим ҳам билмасман, балки ганждирман...

Тошман...
Атрофимда юриб кўрарлар.
1996 йил 13 июль


АГАР... СЕНСИЗ

Туяйин,
Мен фақат Сени туяйин,
Сенинг ҳароратинг,
Сенинг қўлингни.
Бошимга гултожлар
Қилиб кияйин
Сен билан адашиб кетган йўлимни.
Агар йўллар
Сенсиз тўғри йўл бўлса
Адашган йўлларда топай ўлимни!
1996 йил 12 июль


ФАҚАТ... БОБУР ЙИҒЛАГАН

Бошимга урайинми ўтар дунё шонини,
Ў, куйган ўтларимда қайтадан куяйинми?
Гулдан баддоқлар таққан жононларнинг жонини
Бир сиқим тупроқ қилган дунёни суяйинми?

Менинг карвоним ҳорғин, кунботарга оғмоқда,
Элас-элас келмоқда қўнғироқлар жаранги.
Гарчанд бошим устида ой нурлари ёғмоқда,
Ҳолим шу қадар забун, ҳолим шу қадар тангки...

Йўқ, эзғин кўнглимдайин ёришиб борар осмон,
Ёруғ осмон остида, болажонлар, унгайсиз!
Фақат... Бобур йиғлаган... «Бу жаҳонга сиғмасмен»,
Шундан у йўқ жаҳонга сиғиш гоҳо ўнғайсиз.

Бошимга урайинми ўтар дунё шонини...
1996 йил 13 сентябрь


МОЗОРЛАРИНГ БОР

Қувон-у, кўкларга кетмассан учиб,
Ерга тортиб турар бир торларинг бор!
Фано зардобларин сўнг кунлар ичиб,
Тўшак тортиб ётган беморларинг бор.

Қувон-у кўккамас, ерга қараб оқ,
Ахир йитса кўкмас, ерга йитар тоғ.
Бир вақт чечак сотган, гул сотган бироқ,
Бир вақт виждон сотган бозорларинг бор

Қайтгайсан. Ўзингни кўкка отиб ҳам,
Эзғин хаёлларга бошинг ботиб, хам,
Чунки... ерда, сим-сим йиғлаб ётиб ҳам,
Сени қўллаётган мозорларинг бор.
1997 йил 3 март


УНУТМАЙДИ

Унутмас мени боғим.
Усмон Носир.

Ҳамма унутганида ҳам
Ерлар, кўклар унутмайди.
Очганимиз кўзлардаги
Қорачуғлар унутмайди.

Сийласа-да шеър, шону шахд,
Гоҳ келди бахт,
Гоҳ кетди бахт.
Тик ташландик. Мўлжалга накд
Теккан ўқлар унутмайди,

Кўпни кўрдик куюнганни,
Садақадан суюнганни,
«Оҳ, Оллоҳ!» деб тўйинганни
Кўнгли тўқлар унутмайди.

Гарчанд эдик жони қиллар,
Жанггоҳларда бўлдик филлар,
Эрк йўлида қолган куллар,
Қолган чўғлар унутмайди!

Тўфонларида исиниб,
Бол деб ичдик қор, музини,
Ўпдик. Лабимиз изини
Туркий туғлар унутмайди!
1997 йил 17 март


ТУРКИСТОН КЕЛДИ

Юз-юз йиллар ўтаверди, босаверди қор,
Эрк дегани шундай узоқ, бенишон келди.
Сиртмоғида тиллабошлар, саланглади дор,
Аждодларнинг кўкрагидан лахта қон келди.

Эркка кўзини тика-тика кўзи ер ўйди,
Қони билан ёзди, дариғ, сўзи ер ўйди,
Гадо бўлди, адо бўлди, ўзи ер ўйди,
Оҳ, не жонлар эрк йўлида қурбон жон келди

Улар ҳануз гўрларида турар экан тик,
Бу қон бизга ўтган ахир, шундан биз қасдлик,
Бу қарз билан, 6у қон билан ўлаолмасдик,
Шукур, кўрдик, биз кетмасдан Туркистон келди!
1997 йил 19 март


ДИЛ ҲАМ БОШ ТОРТАР ЭКАН

Телба хоҳиш, мажнун ҳол,
Баҳор лабга най қўйди,
Мен йиғлайман, мажнунтол —
Кўнглим гапирмай қўйди.

Тушавергин кўкдан ой,
Баҳор кўтарди туғин.
Мен қандай байроқланай,
Кўнглимга тушди тугун?!

Мен дердим дил чўкмагай,
Дунё хоҳ кенг, тор экан.
Дил ҳам ердан чиқмаган —
Дил ҳам бош тортар экан...
1997 йил 19 март


МЕН БИРГИНА СЎЗ ЎСТИРДИМ

Билмам, қачон, қандай чукур кўлларда чўкдим,
Қандай узун, қандай ҳазин дардларни чекдим,
Билганим шу, умрим бўйи мен экдим, экдим —
Туркистоннинг даштларини ёриб чиқар сўз!

Балки у сўз унаётир ернинг қаърида,
Балки... қасамдай тик терак куртакларида,
Улуғ Темур болаларин кўкракларида
Ота Туркнинг юкини кўтариб чиқар сўз!

Ёв келмасин, келса агар жуфту тоқ бўлиб,
Сўзлар ердан чиқиб келгай тўсин тоғ бўлиб,
Элимнинг жон-жигарига кўзмунчоқ бўлиб,
Дигарига чалғи бўлиб, ўриб чиқар сўз!

Ҳурлик йўли — кураш йўли, тик роҳларига
Чиқар экан гард тегмасин элнинг барига.
Кураш куйин қуйиб элнинг қулоқларига,
Тун бўйи оёқ учида юриб чиқар сўз!

Оққан бўлсам ҳамки унинг пойида тинмай,
Элга нафим кам менинг, деб нечун ўксинмай,
Мен биргина сўз ўстирдим,
Мангу кўз юммай
Туркий элни балолардан қўриб чиқар сўз!
1997 йил 28 март


КЕЧИККАНЛАР

Чинқириғи еру-кўкни тўлдириб,
Ҳовликқан поездлар вақтдан кечиккан.
Одамзод борини қўйгач олдириб,
Кечикиб оёққа қалққан, куч йиққан.

Мозий эшиклари бир-бир ёпилди,
Бир шуъла кўринмас тим, ғовларидан —
Чўлпондай тик, улкан дарахт чопилди,
Кечиккан дўстларин қуршовларида.

Моҳларойим янглиғ ой бормиди ҳеч,
Дунё шундай ҳур, ғилмонларни кўрди.
Кўрмади бошига тушаркан қилич,
Оломон кечикди. Қонларни кўрди.

Кўрди-ю кўрмагандек ўзларини
Тутиб ўтди улар. Оҳ, тўзмадилар!
Ўйиб олмадилар ўз кўзларини
Ўз қонларин шар-шар оқизмадилар!

Оллоҳ!
Гумроҳ руҳимизга панжа ургайсан —
Узинг эшитгайсан бу асрий додни.
Қонларини ўзинг юриштиргайсан —
Кечикканлар сутин эмган авлодни!
1997 йил 7 апрель


ХАТО КЕТДИМ...

Поклайман деб дунёни
Кирланиб битдим ўзим.
Абдулла Тўқай.

Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган —
Сим-сим сирқираган сато, кетдим мен.
Мозий қаърларидан инжу йиғмаган —
Бугунга сиғмаган садо, кетдим мен.

Гоҳ тикан кўкларкан гулзорларида,
Кўнглим ерга кирди озорларидан —
Кир-чир қўллар тегиб бозорларида
Оҳори тўкилган мато, кетдим мен.

Пайдо. Шайдо эдим. Нопойт* айладилар,
Баргу хазонимдан байт айладилар,
Жайрондай жонимни сайд айладилар.
Жоним сайёдларга ато кетдим мен.

Дунёга нурли йўл солмоқчи эдим,
Банди бўлдим. Гарчандки соқчи эдим,
Дунё доғини кетказмоқчи эдим,
Ўзимга доғ тегди. Хато кетдим мен.

Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган...
1997 йил 5 апрель


АЙТОЛМАДИМ...

Сизга ишқим юз ишқ эрди, мен бирин айтолмадм,
Юз ишқим-ла юзлашолмай, бир сирим айтолмадим.

Балки сизам кўнглингизга чорлагандирсиз мени,
Чикдим, бори четга чиқдим, бир кирим айтолмадим.

Ё кўзу ё сўз бирла ишорат қилмоқ, не тонг,
Ё ошкор, ёйинки бир ёшурин айтолмадим.

Кўкламим кўклаб кетиб, ёз бўйи ёзғирдим-у,
Тонг, узун кундуз ўтди, келди тун, айтолмадим.

«Тонгда айтмай, кундуз айтмай эсиз-а, эсиз умр,
Энди тунда айтмагил», деб келди ун, айтолмадим...
1996 йил 2 июль


СУЛТОН, ҚАҲРИНГНИ БЕР!

Бу фожиалардан ортиқ таъсирланган султоннинг онаси, аҳли аёли унга юкинди: «Оллоҳни ўртага қўйиб илтижо қиламиз, «Бизни ўзинг ўлдириб асирликдан қутқар!» У ноилож барчасини сувга чўктиришни амр этди.
Шаҳобилдин Муҳаммад ан-Насавий,
«Султон Жалолилдин Мангуберди ҳаёти» китобидан.

Султон, қаҳрингни бер,
Қаҳрланайлик,
Сўкилсин осойиш кўнгилнинг чоки.
Султон, заҳрингни бер, заҳарланайлик,
Бемормиз, бу заҳар соғайтсин токи.

Ёронлар!
Биз ҳам би-ир султонланайлик
Унинг йўлбарс руҳин ўзга ўткариб,
Бўлайлик султонга суюклик қайлиқ,
Султоннинг онаси бўлайлик, ғариб...

Ҳатто
Хаёлидан боряпман ўрлаб
Бизда-да би-ир яшаб, кўкарсин султон.
Дунёга ларзалар соларак, гурлаб
Туркий қавмларни кўтарсин султон!

Қодир Оллоҳ,
Бир бор кечсин шундай ҳол,
Кейин,
Кейин, майлй, не ғам чекдирсин.
Ёғий оёғида қилмасдан поймол
Бизни онасидай...
Хотинидай бизни...
Дарё сувларида ўзи чўкдирсин.

1998 йил 29 сентябрь


ЮКСАЛИШГА МАҲКУМЛИК

Масъулмиз ё
Ё мажбурмиз депмас,
Маҳкуммиз деб бу ҳолга ёндош.
Энди ерда судралмоқ эпмас,
Энди ердан кўтарилди бош!

Боз эгилса,
Бош учар тошдай.
Боз эгилса, биз ўзи киммиз?
Айрилмаслик учун ҳам бошдан
Энди юксалмоққа маҳкуммиз!

Эй чирмашган!
Қудратлан, куч топ,
Юксак дарахт — чақир тикан, ҳўл.
Маҳкумлик бу — муқаррар азоб,
Озодликка олиб чиқар йўл!
1998 йил 29 сентябрь


ЮБОРМАЙМАН...

Майсаландим, оёғингни бос,
Лаҳзани йиллайман, ушлайман.
Ёйиламан бўлиб поёндоз
Сени севиб, сени хушлайман.

Ёришиб борадир осмоним
Лаҳзаларни тишда тишлайман.
Оёғингда поёндозман-у
Нечун учаётган қушдайман.

Гарчандки, йўл ўлим, жар томон
Ўзни қўйсам-да хатарларга,
Ҳали сени
Кў-ў-ўп тўхтатаман,
Юбормайман
Сени жарларга!
1998 йил 29 сентябрь


КЕЧАГИ ШАМОЛ

...га

Бу — кечаги шамол,
Ҳали тинмади
Бугунги шамоллар атрофида лол,
Ў, унинг дастидан
Ким ўксинмади,
Кимни куйдирмади бу арслоний ёл.

Тирқираб келаркан
Тегса барига
Йўлидан адашиб қумлар қайрилар,
Тегиб тегмай
Ўтса япроқларига,
Жонона дарахтлар ҳушдан айрилар.

У бир қараганда кўнгил тўяди,
Тўйдирар
Дилнинг қир, қияларини.
У бир кишнаб,
Жинни қилиб қўяди
Дунёнинг жамики бияларини!

Айланиб
Бир келиб қолсами кўлга,
Борлиқ-да, балиқ-да жонин беради.
Бир айланса...
Ўзин ололмай қўлга
Тик тоғлар эргашиб кетаверади!

Бу — кечаги шамол...
Бугун ҳам борми
Шундай бир шамоллар, орзу қиларга.
Балки бордир,
Балки Биз сезмаганмиз,
Бу энди аёндир бугунгиларга.
1998 йил 6 ноябрь


МЕНГА ДУЧ КЕЛИБ ҚОЛСА...

Менга дуч келиб қолса
Йўлбарс чиқар инидан.
Шахд, сурони йўқолиб
Сирларидан айтади.

Менга
Дуч келиб қолса
Пичоқ чиқар қинидан,
Пичоқ ҳовридан тушар.
Пичоқ дами қайтади.

Дуч келди...
Куйди ойим...
Ойдай юзин бурмади.
(Сени сақлаш учунми)
Менга қодир худойим
Сени йўлиқтирмади...
1998 йил 29 сентябрь


* * *

Ким ёғадур,
Ким тинди, Ватан,
Ким хору, ким севинди, Ватан.
Биз ёмғирдай
Ёққандик кеча
Ерларингда не унди, Ватан.
1998 йил 30 сентябрь


ЎЗИН ТОПМОҚ ИСТАГАН

Мусулмонмиз.
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин.
Бири-бирига пешвоз
Имкон тарафга юрсин.
Аросат саҳросида
Саросар қолмасинлар
ё таназзул, ё эса
Шавқ, шон тарафга юрсин!

Дунёни ҳалол ёққа
Бир қадам жилмоғига
Инонсанг, юз қурбон бер,
Юз малҳам бер, доғига
Инонса, бир ҳамлада
Қайта тирилмоғига
Сира иккиланмасдан
Қурбон тарафга юрсин!

Талотўп дунё ичра
Тўзим топмоқ истаган,
Минг ёлғонни оралаб
Бир чин топмоқ истаган,
Томирларида юрган
Сўзин топмоқ истаган,
Ўзин топмоқ истаган
Қуръон тарафга юрсин!

Мусулмонмиз,
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин.
1998 йил 7 ноябрь


ДЕМАККИ, СЕН ШОИРСАН

Нафақат...
Ўтсанг ёзиб
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да,
Итқитса, оёқ ост-да,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг, тўсин, тўрларни
Чайқалтирсанг, гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!
1998 йил 2 ноябрь


МУЛГИБ-МУЛГИБ УЗУН КЕЧАЛАР
(«Онам хусусида қайгуларим»дан)

Дунёнинг бор заҳру заққумин
Битта қўймай тотгоним — онам.
Озғин елка — ёнбошларига
Кўрпачалар ботгоним онам.

Ҳалимажоним — келади деб
Кўзи йўлда кўкарган қушим,
Муштдеккина жуссаси билан
Ғусса тоғин кўтарган қушим.

Оқ сочларин ювиб-тарасам
Сочларидай узайганим-а.
Туриб, юриб кетмоқ бўласиз
Чарх ургани, безанганими?

Босмай қўйган оёқларини
Қаттиқ ерни қайириб бостир.
Ёзмай қўйган қанотларини,
Қодир Худо, бир марта ёздир!

Усиз ҳувиллайди кўчалар...
Кўзларимда мангу қолар, жим.
Мулгиб-мулгиб узун кечалар
Оёқларин уқалашларим...
1998 йил 2 ноябрь


ЭРК  ЙЎЛИ

Бари ёлғон,
Шу йўлгина чин,
Бу йўлда юрмайсан, учасан,
Фақат унда кетмоқлик учун
Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.
Отланаркан
Тонг ёки кечда,
Ичга тўлдир озодлик куйин.
Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,
Бошдан-оёқ ҲУРЛИКни кийин.

ЭРККА тўйин,
Керак тамоми
Муҳтожлиқдан ўзни қутқармоқ.
Худойимнинг тоза йўлида
Қандай байрам кишансиз бормоқ!
Қайиролмас
Ҳеч ким шохингни,
Қирқилади ғилофу қинлар.
Бошингдаги эрк кулоҳингни
Бошинг олмай ололмасинлар!
Ололмасинлар!
1998 йил 2 ноябрь


ХУЛОСА

Болам, Сени мен эмас,
Она арслон эмизди,
Она арслон кўтарди.
Сени эмизаётиб
Миямнинг ич-ичидан
Шундай хаёл ўтарди.
Арслон кўтарган бола,
Илло, тулки бўлмай сен,
Аянч кулги бўлмай сен,
Бир кун арслон бўласан.
Қушу қуртларни эшит,
Бурд-бебурдларни эшит.
Атрофингга йўласа...
Қанот бергин, бергин пар,
Ҳеч ким тушмасин чўкка.
Ҳатто судралган қуртлар
Кўтарилсинлар кўкка!
Сўнг бир хулоса чиқар:
Қуртлар учса — учсин-у
Йўтон тортиб қолмасин.
Қуртлар ўзини Сенга
Тенглаб, йўртиб қолмасин.
Шундай хулоса қил Сен
Айланиб келганда гап.
Қурт қуртлигича қолсин
Арслонга қилмасин даф.

Арслон кўтарган бола...
1998 йил 2 ноябрь


ХАЙФ

Эсиз, зилол дарёлар,
Биз қониб ичмасак, ҳайф.
Эсиз, мовий маъволар,
Қуш бўлиб учмасак, ҳайф.

Ирмоқ пастлаб, қиялаб,
Кетса баланд тоғ, эсиз!
Кўрмай ўтса биялар,
Учқур арғумоқ эсиз!

Аёл — олов, аёл — гул,
Сочлар — арслоний ёллар.
Ишқда ёнмай бўлса кул,
Ҳайф-ей, олов аёллар.

Дунёсига ўт кетсин,
Дунёсига эртак ҳайф.
Унда кўнгли аёлсиз
Кетаётган эркак ҳайф!
1998 йил 6 октябрь


РУҲИМ КЎТАРАДИ БАЙРОҚЛАРИНИ...

Дунё камбағални камситиб, ғажиб
Тағин бойитаркан бойроқларини.
Руҳим олиб қўяр бошимдан тожни,
Руҳим кўтаради байроқларини!

Қайдаки етимни етиб тишлайди
Дунё қантармаса каж итларини,
Руҳим юрагимга қаттиқ муштлайди,
Руҳим киябошлар совутларини.

Топталабошларкан шаън, ору, шонлар
Кир оёқ остига тушаркан оят,
Бўғзимга келади кўксимдан қонлар,
Руҳим қон ичидан кўтаради қад!

Ният бут. Албатта етиб бораман,
Бир кун ҳуш кун келар тонг ранги билан.
Рўзи маҳшаргача кетиб бораман
Қалқон-совутларнинг жаранги билан.
1997 йил 2 апрель


ЭСКИ ДЎСТЛАРИМГА

Эски йил ҳам ўтди, тикондир, гулдир,
Янги йил қучоғин ишқ билан тўлдир.
Гарчанд ҳар йилнинг бахт, қайғуси мўлдир,
Аларга қайғусин учратма, Худо!

Янги йил янгими қадрдонларсиз,
Эски дўстларим-ей чўкай Сизга тиз.
Йўлларига ҳазрат Али солган из
Хирқаларига лой сачратма, Худо!

Қодирсан, рўёни ростга айлантир
Мос келмас дунёни мосга айлантир.
Ашаддий ёвин ҳам дўстга айлантир,
Аларнинг кўнглига Сен ботма, Худо!

Шавқ бер-у, ғам берма, ўкинмасинлар,
Қиличдай қадлари букилмасинлар.
Боғлардай етилган, тўкилмасинлар,
Аларнинг боғига тош отма, Худо!

Мадад бер, сал ҳорғин учмоқларида,
Ёй турма, тойдирма кечмоқларида.
Янги йилнинг янги қучоқларида
Эски дўстларимдан ажратма, Худо!

То ўлим келгунча юрсинлар гур-гур
Қадамидан шамол ўтиб турсин ҳур.
Ёлғиз кетар кунни орқароққа сур,
Аларни тариқдай сачратма, Худо!
1998 йил 19 декабрь


ИНСОН АСЛАН БУЮК

Инсон аслан буюк, аслан бечора...
Оҳим дилингизга йўл топса зора.
Қўлингиздан келса қилманг овора,
Шул ёлғиз инсонни туҳматга берманг!

Бир-бирини селу, тошқин қўллайди
Қайда бўлса етиб, шошқин қўллайди.
Бир-бирини бўри, қашқир қўллайди,
Сиз уни синовга, муҳлатга берманг!

Кўпдир замонларнинг қимор ўйини,
Қирқадир одамнинг эни-бўйини —
Қўлингиздан келса кўринг тўйини,
Уни ҳар қандай дор, хилқатга берманг!

Ўчмас деб ишонинг босган изига,
Паноҳ деб ишонинг ўғил, қизига.
Ўзига ишонинг, фақат Ўзига,
Тушунтириш хати, тилхатга берманг!

Нопок дунёсидан кетмасин тўйиб
Десангиз юрагин ғижимлаб, ўйиб.
Йиллар бўйи ўтмас пичокда сўйиб
Қадрсизлик деган калхатга берманг!

Инсон аслан буюк, аслан бечора...
1999 йил 27 апрель