ZiyoUz - Haqiqiy o'zbekona forum

Kutubxona => Boshqa kitoblar => Tarixiy adabiyotlar => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 03 Aprel 2010, 12:10:13

Nom: Fir'avnlar mamlakati. X.A.Salohuddinov
Yuborildi: AbdulAziz 03 Aprel 2010, 12:10:13
Fir'avnlar mamlakati

(http://www.ziyouz.com/images/books/firavnlar.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=376)

Muallif: X.A.Salohuddinov
Hajmi: 3,14 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=376)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=4577.0)
Nom: Re: Fir'avnlar mamlakati. X.A.Salohuddinov
Yuborildi: Ansora 04 Aprel 2010, 13:01:11
ТОШКЕНТ АРХИТЕКТУРА-ҚУРИЛИШ ИНСТИТУТИ
АРХИТЕКТУРА ТАРИХИ НАЗАРИЯСИ ТАҲСИЛГОҲИ

X. А. САЛОХУДДИНОВ

ФИРЪАВНЛАР МАМЛАКАТИ

(Қадимги Миср маданияти тарихидан)

ТОШКЕНТ - «МЕҲНАТ» - 1992

Миср эҳромлари... Дунёнинг етти мўъжизаларидан бири жойлашган Мисрнинг ноёб меъморчилик обидалари не-не донишу фозилларни ҳайратга солмаган. Ана шу ғаройиб ўлканинг ўтмиш маданияти, тарихи, санъати, архитектураси, этнографияси ҳамда жуғрофияси ҳақида мароқли ҳикоя қилувчи ушбу китобча меъморчилик ўқув юртларининг муаллим ва талабалари ҳамда кенг қизиқувчилар оммасига мўлжалланган.

Тақризчи — архитектура доктори, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор   
П. Ш. Зоҳидов.

Муҳаррир — Ислом Эсон   ўғли.

© Тошкент Архитектура-қурилиш институти. 1992



КИРИШ

Миср давлати ўзинипг қадим маданияти, бой тарихи билан бошқа ривожланган давлатлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Мисрнинг кўп асрлик тарихи ва маданияти тошларда, саркофагларда, рассомларнинг асарларида, уста-ҳунармандларнинг ижодларида, меъморчилик иншоотларида муҳрланиб қолган.
Эрамиздан 3000 йил бурун ривожлана бошлаган бу маданият римлик истилочилар Мисрни эгаллаб олгунга қадар, яъни эрамизнинг 30 йилларигача бўлган даврни ўз ичига олади. Миср маданиятининг шаклланишида Нил дарёси салмоқли ўринни эгаллайди.
Бу улкан дарё Нубийлар — ҳозирги Судан давлати чегарасидан оқиб чиқиб, шимолда Ўрта денгизига бориб қўшилиш учун 6000 км дан зиёд масофани чўл-саҳро орқали босиб ўтади.
У ўз йўлида «Оқ Нил» ва «Кўк Нил» деб аталувчи қўшимча дарёларга бўлинади. Оқ Нил «Виктория» ва «Альберт» деган денгизлар сувидан ҳосил бўлган кўллардан сув олади. Кўк Нил эса Абиссин тоғидан оқиб тушади. Бу тоғ ҳар йили бир марта Ҳинд океани томонидан келадиган ёмғирли булутларни тўсиб қолади. Бунинг натижасида кучли ёмғир ёғиб, янги оқимлар вужудга келади. Бу вақтда дарё суви 15 метрдан зиёд кўтарилиб, 1971 йилгача, яъни Ассуан сув омбори қурилгунгача ҳар йили сув тошқини ҳосил қилган. Уч ой мобайнида дарё атрофидаги ерлар кўлга айланган ва ниҳоят, орқага чекинган сув ўзининг ҳосилдор лойқасини Нил атрофидаги ерларга ҳадя этган. Ҳақиқатан ҳам бу жойлар дунёдаги энг унумдор ерлардан бири бўлиб, ундан йилига уч мартагача ҳосил олинган. Шунинг учун ҳам Нил дарёсининг қирғоқ ерлари одамларни ўзига жалб этган (Қадимги   Миср   маданиятига   оид   расмлар     китобнинг сўнггида келтирилади).
Келиб чиқиши ҳозиргача номаълум бўлган кишиларнинг Нил дарёси қирғоқларида ўрнашишлари, фикримизча, тош даврига тўғри келади.
Одамлар бу ерларга Қизил денгиз томонидан, Ҳамамат водийси орқали келишган. Ёмғирсиз Миср саҳросида воҳадан воҳага кўчиб юрувчи кўчманчи — овчилар ҳам ягона ҳаёт манбаи бўлган шу ердан макон топганлар. Айтиш мумкинки, дастлабки жиддий равишда ўрнашиш эрамиздан аввалги 6000 йил билан 5000 йиллар оралиғида бўлган.
Бу даврда ҳали металл ишлатишни билмаган одамлар ҳаёт учун муҳим бўлган қурол-аслаҳаларни, асосан, ёғоч ва тошлардан ясаганлар. Одамларнинг кулбалари эса хом ғиштдан қурилган. Бу қурилиш ашёси шу ернинг қуруқ иқлим шароитига мос бўлганлиги учун Миср маданиятининг бутун ривожланиш даврида асосий ҳисобланган.
Маълумки, қадимги халқ маданияти ҳақидаги қимматли маълумотларни мақбаралардан билиш мумкин.
Мақбаралардан топилган бош суякларидан кўринадики турли қабилалардаги одамларнинг ҳаммаси озғин ва паст лекин битта ирққа мансуб бўлмаган.
Жазирама саҳронинг қайноқ қуми инсон бадани билан бирга унинг сочлари ва терисини ҳам сақлаган.
Мисрликлар мурданинг кийим-кечаклари билан бирга кўмишни расм қилган эдилар. Ҳар хил жойлардан топилган бир қатор мақбаралар уларнинг оддий тузилганлигидан далолат беради.
Бу мақбараларни синчиклаб текширган археологларнинг айтишларига қараганда, ўша даврда Нил соҳилларида, Бадарян, Амратан, Тазиан ва шунга ўхшаш ҳар хил қабилалар мавжуд бўлган. Ҳар бир қабила ўз ерини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилган.
Ўзаро урушлар Нил водийси аҳолисини уруғдош гуруҳларга бўлиб юборган. Ҳар гуруҳнинг ўз бошлиғи (етакчиси) бўлган. Кейинчалик бу гуруҳларнинг бирлашиши натижасида вилоятлар «ном»лар вужудга келган.

ҚАДИМГИ МИСР МАДАНИЯТИ

Бирлик ва сулолалар. Эрамиздан аввалги 3200 йилга келиб, Мисрда иккита подшолик вужудга келди.
Жанубда, Нубийлар чегарасидан ҳозирги Қоҳира яқинидаги дельтагача бўлган ерлар «юқори Миср»ни ташкил этдр ва у Хиера Конполис шаҳрини пойтахт қилиб олди.
Қуйи Миср Шимолда, яъни пастроқда, унча катта бўлмаган лекин серҳосил ерда жойлашган бўлиб, пойтахтини Бутода ташкил этди.
Шу даврда Жанубий Миср подшоси Нармер (кейинчалик юнонлар уни Менес деб аташган) ўзининг кучли қўшинлари билан Шимолни босиб олди ва Мисрда иккита подшоликни бирлаштириб, ягона давлатга асос солди. Пойтахтни эса дельта яқинидаги стратегик жиҳатдан жуда ҳам қулай бўлган Мемфис (юнонча Хелиополис) шаҳрига кўчирди.
Демак, Нармерни архаика даври биринчи сулоласининг дастлабки фиръавни дейиш мумкин.
Тарихчилар қадимги Миср маданияти ва меъморчилик санъати тарихи ҳақида фикр юртганларида даврларнинг хилма-хиллигини сулолалар орқали кўрсатишни мақсадга мувофиқ деб билганлар. Ҳатто Миср пайғамбари Манетҳо эрамиздан аввал 300 йил бурун биринчи бўлиб ана шу усулни қўллашни талаб этган.
Умуман, сулола оралиқдаги вақт бўлиб, шу вақт ичида оиланинг подшолик қилган даври акс эттирилади. Масалан, Францияда Бурбонлар, Англияда Тюдорлар, Ўрта Осиёда Темурийлар, Русияда Романовлар сулолари мавжуд бўлган.
Одатда сулолалар жуда кўп ва узоқ вақтни ўз ичига олади. Буни яхшироқ тушуниш учун қуйида биз бошланиш вақти эрамиздан аввалги 3200 йил    эканлигини унутмаган ҳолда, қадимги Мисрдаги даврлар ва сулолалар сонини маълум бир тартибда баён этамиз.

I. Архаика даври
1- ва 2-сулолалар 3200—2780 йиллар (эрамиздан аввал)

II. Қадимги подшолик даври
3-сулоладаи то 10-сулолагача 2780—2100 йиллар (эрамиздан аввал)

III. Ўрта подшолик даври
11-сулоладан 13-сулолагача 2100—1700 йиллар (эрамиздан аввал)

IV. Гиксослар ҳукмдорлиги даври
14-сулоладан 17-сулолагача 1700—1555 йиллар (эрамиздан аввал)

V. Янги подшолик даври
18-сулоладан 24-сулолагача 1555—712 йиллар (эрамиздан аввал)

VI. Мисрликларнпнг сўнгги даври
25 ва 26-сулолалар 712—525 йиллар (эрамиздан аввал)

VII. Эронликлар ҳукмдорлиги даври
27-сулоладан 30-сулолагача 525—332 йиллар (эрамиздан аввал)

VIII. Юнон-Рим даври
332 (эрамиздан авввал) –  638 йиллар

Юнон ва Рим ҳукмронлиги даври Македониялик Александр, Рим ва Византия юришларини ўз ичига олади.
Эрамизнинг 638 йилидан бошлаб Миср тарихида мутлақ янги давр — мусулмонлар даври бошланади. Лекин биз қадимги Миср маданияти ҳақида сўзлар эканмиз, биз унинг асосан буюк давлат даражасига кўтарилган давридаги меъморчилиги ва санъати ҳақида кўпроқ фикр юритамиз.
Фиръавн. Қадимги Мисрда қулдорлик давлатини бошкарган шохларни фиръавнлар деб атаганлар.
Бу сўз бизга христиан ва яҳудийларнинг диний китоби Таврот орқали маълум. Фиръавн шоҳ лавозимига ҳеч қачон сайланмаган.
Баъзилар бу лавозимни армия ёрдамида куч билан кўлга киритган бўлсалар, бошқаларга, яъни сулолага даҳлдорларга у мерос бўлиб қолган.
Фиръавн бўлиш учун тахтга даъвогар ўзидан олдинги фиръавннинг бева қолган хотинига ёки унинг қизларидан бирига уйланиши шарт бўлган. Чунки Қадимги Мисрда шоҳлик қонининг тозалигини сақлаш қонуни мавжуд эди. Шу боисдан, ака ва сингил ўртасидаги никоҳ мақсадга мувофиқ деб топилган.
Одатда, фиръавннинг бир қанча хотини бўлган. Аммо уларнинг ичида фақат биттаси, яъни асосийси қиролича лавозимида турган.
Бундан ташқари, фиръавннинг яна қонунсиз, у билан никоҳда турмаган аёллари ҳам бўлган. Демак, шоҳ фарзандлари кўп бўлган ва эркаклар давлатнинг юқори вазифаларида турганлар.
Фиръавн давлат ҳукмдори сифатида буюк худо «Қуёш Рэ»нинг ердаги фарзанди ва ер ости дунёсннннг худоси Осириснинг меросхўри деб ҳисобланган. Шунга кўра, у диний давлатнинг доҳийси ўрнида улкан ибодатхоналар қурдирган ва қурбонликлар келтирган. Жангларда шахсан бошчилик қилган. Фиръавнлар орасида баъзилари чиндан ҳам моҳир жангчи бўлган. Лекин архаика ва қадимги подшолик даврларида улар ҳеч қачон қўшни мамлакатларга юришлар уюштирмаганлар. Аммо Ғарбий Саҳрои Кабирдаги Ливиялик ва Жанубдаги Нубиялик кўчманчилардан ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида аскарларни сафарбар қилиб турганлар.
Ҳунармандчиликнинг ривожланиши. Мамлакат Нармер даврида ягона давлатга айлантирилган вақтданоқ Мисрликлар металлдан фойдаланиш йўлларини билиб олганлар. Аввалига мисдан, кейин эса бронзадан ҳар хил асбоблар, курол-яроғлар ишлаганлар. Аммо бу кашфиётга қарамасдан, тошни ишлаш ва дурадгорчилик санъати муҳим ўрин тутган. Чунки бу ҳунарни мисрликлар мукаммал даражада билганлар. Масалан, шоҳлар қабрларидан топилган тошдан ишланган ажойиб кўзалар ва гулдонлар эрамиздан аввалги 2800 йилларга, яъни биринчи сулола даврига тўғри келади. Шунингдек, дурадгорнинг болта, арра, пичоқ, болға, парма каби иш асбоблари ҳам худди ҳозирги замон дурадгорининг иш қуролларига ўхшаб кетади. Қадимги мақбаралардан топилган мебель, курси-ўтирғич, сандиқ ва бошқа амалий буюмлар қолдиқларидан шундай хулосага келиш мумкинки, Миср маданиятининг ўзига хос хусусияти эрамиз бошланмасдан 30 аср илгари содир бўлган.
Одам ва дарё. Ўз кучларини мустаҳкамлаш ва узоқ яшаш мақсадида мисрликлар ташқи муҳитдан фойдаланиш йўлларини излаганлар. Нил атрофида жойлашган дастлабки кўчманчиларии ўзига жалб этган бу дарё инсон учун энг зарур бўлган ҳаётий бир манба эди.
Тўғри, ҳар йили Нилда бўлиб турадиган сув тошқинига қарши бирон куч ишлатишга мисрликлар ожиз эдилар. Аммо, улар қурғоқчилик пайтларида ерларни суғориш учун каналлар ва ҳовузлар қазиб, сув сақлашни ўзлаштириб олганлар. Бир каналдан иккинчи каналга сув чиқариш учун «кадуф»лардан, яъни ўз ўқи атрофида айланувчи ингичка ходанинг бир учига челак, иккинчи учига эса оғир тош боғланган оддий насослардан фойдаланганлар (3-4 – расмлар).
Мисрликлар сув тошқини ҳажмини ҳам олдиндан кўра билганлар. Бунинг учун улар тошдан ясалган ва худди оддий чизғичга ўхшатиб чизилган асбоб «нилометр» лар қўллаганлар. Нилометрлар Нил қирғоғига қурилган деворга тик ҳолда ўрнатилган бўлиб, улар сув сатҳидан чиқиб турган. Тошаётган сув нилометрдаги белгиларни ювиб, юқорига кўтарилган ва янги сатҳдан жой олган. Шундай йўл билан мисрликлар бўлажак сув тошқинининг ҳажми ҳақида ахборот олиб турганлар.
Нил дарёси фақат ҳаёт ва маданият манбаи эмас, балки ташқи дунё билан асосий алоқа қилиш йўли ҳам бўлган. Унда турли хилдаги кемалар, айниқса, савдо кемалари доимо кўп бўлган. Кемалардан баъзилари ҳатто Ўрта денгизга чиқишга ҳам журъат этганлар.
Миср ўзида ўрмон бўлмаганлиги сабабли ташқаридан кедр дарахти, кейинчалик эса тайёр ҳолда елканли ҳамда эшкакли ҳарбий кемаларни сотиб олган. Бундай қайиқлар археологик қазилмалар вақтида эҳромларда кўмилган ҳолда топилган. Бу техник ривожланиш ўз навбатида олий муҳандислар, риёзиётчилар ва олимларни юзага чиқарди. Худди қадимги ривожланган мамлакатларда бўлгани каби Мисрда ҳам бундай кишиларнинг деярли барчаси диндорлардан иборат бўлган ва улар авлиё ҳисобланиб, ўша давр фиръавнларига катта таъсир кўрсата олганлар.
Ёзув. Ёзув санъати Мисрда Нармер даврида, балки ундан ҳам илгари яратилди. Мисрда ёзув мажбурий равишда архивларни сақлаш, айниқса, халқдан солиқ олиш жараёнида дунёга келди.
Дастлабки ёзувлар фақат расмларда ифодаланиб, улар эркакни, аёлни, сигирни, қўшни ва бошқа буюмларни акс эттиргаи. Сонлар эса чизиқларда кўрсатилган. Кейинчалик расмлар ёки белгилар буюм ёки нарсаларни эмас, балки сўз, овозни ҳам билдирган. Мисрликлар ёзувда фонетикани қўллаганлар.
Демак, айтиладиган сўзлар ана шу белгиларга қараб ижро этилган. Юнонлар бу белгиларни иероглифлар, яъни «муқаддас белгилар» деб атаганлар, чунки улар бу белгиларни мутлақо тушунмаганлар. Кизиғи шундаки, мисрликлар ундош   товушларнигина ишлатганлар.
Мактубнинг умумий шакли ўқувчига унинг мазмунини аниқлаб берган (6-расм).
Ҳозирги замон кишиси қадимги Миср ёзув санъатини шунчаки бир оддий нарса деб айтолмайди, албатта. Шунинг учун ҳам археолог олимлар ҳанузгача тўлиқ тушунарли бўлмаган бу «муқаддас» белгиларни ёки иероглифларни ўқиш учун жуда кўп вақт сарф қилганлар.
Дастлаб белгилар лойдан ишланган идишларда тасвирланган. Кейинчалик мисрликлар Нил қирғоқларида ўсадиган «папирус» ўсимлигидан ёзув қоғозни кашф қилганлар.
Маъмурият. Кадимги Мисрда маъмурият Нил ёқалаб жойлашган «ном»лар асосида вужудга келган. Маҳаллий ҳукмдор доирасида бўлган маъмурият «номарк» деб юритилган. Ҳар бир номарк ўзининг хусусий адлиясига ва худди ҳозирги замон хизматчилари каби ўзининг мирзаларига эга бўлган. Мирзалар асосан хатларни кўчириб ёзиш ва солиқ олиш каби ишларни бажарганлар. Баъзи номарклар ҳатто ўзларининг кўнгилли лашкарларига ёки шахсий қўшинларига ҳам эга бўлганлар. Шунга кўра, қадимги подшолик даврида (2780—2100 йил, эрамиздап аввал) фиръавн ўз қўли остидаги номарк фаолиятини унга берилган қонунин ҳуқуқ чегарасидан чиқиб кетмаслиги учун доимо назорат қилиб тургаи.
Шундай вақтлар ҳам бўлганки, фиръавн Мемфис шаҳрини бошқара туриб, бутун мамлакатда жуда катта кучга эга бўлган. Миср дастлаб иккита подшоликдан иборат бўлган вақтида ҳам фиръавн «Икки давлат ҳукмдори» деган унвон билан аталган.
Дафн ва одат. 1 ва 2-сулолалар фиръавнлари «мастаба» деб аталувчи қабрларга дафн этилганлар. Кўпинча атрофи тошлар билан тўсилган мастабалар хом ғиштлардан тўғри бурчак шаклида тикланган бўлиб, жуда кўп хоналардан ташкил топган.
Вафот этган фиръавниннг барча буюмлари шу хоналардан бирида сақланган. Чунки унинг тириклик чоғидаги идиш-товоқлари, кийим-кечаклари, ёғоч сандиқлари, мебеллари ва шунга ўхшаш нарсалари у дунёдаги ҳаёти учун зарур бўлади, деб ҳисобланган. Лекин ўша даврлардаёқ қабрларнинг деярли ҳаммаси ўғирланган. Шундай бўлса ҳам у ерларда қолган буюмларнинг парчаларидан қабрларда нималар сақланганини кўз олдимизга келтиришимиз қийин эмас.
Жасад сақланган баъзи бир қабрларда фиръавннинг номи кўрсатилган. Ана шундай қабрлар Мемфис яқинидаги Саккара ва Ўрта Мисрдаги Абидос деган жойларда кўплаб топилган. Археологик қазилмаларнинг натижаларига қараганда икки қатор жойлашган мастабаларнинг ҳаммаси фақатгина битта фиръавннинг номи билан аталган. Буни қуйидагича нзоҳлаш мумкин:
Мисрликлар афсонавий худолар ичида энг асосийси ҳисобланган Осириснинг боши Абидосга кўмилган деб ўйлаганлар. Демак, Абидос муқаддас жой ҳисобланган. Шунинг учун ҳам фиръавн бу жойни ўлимидан кейин ҳам зиёрат қилиши зарур бўлган. Чунки у бир вақтнинг ўзида икки жойга дафн этилиши мумкин эмас-ку! Ҳар ҳолда қадимги мисрликлар ўлган фиръавннинг руҳи қабрдан-қабрга кўчиб юришига ва ҳар йили Осирис хотираси учун бўладиган диний байрамда иштирок этишига ишонганлар.
Баъзи бир олимларнинг ўйлашича, катта эҳром ёнидан қазиб олинган қайиқ ана шу кўчиш учун мўлжалланган. Лекин бошқа олимларнинг айтишларига қараганда, бу кема ўлган фиръавннинг руҳини осмондаги қуёш худоси «Рэ»нинг жамиятига элтиш учун хнзмат қилган.
Дин. «Ном»ликларда дин улар Нил атрофида яшай бошлаган вақтдан бошлаб пайдо бўлган.
Қадимги мисрликларда бир-бирига аралашган, қайсики, маҳаллий худомандларни ҳурматлаш, Осирис ва Исидаларга сажда қилиш, қуёш худоси Амон Рэга топиниш каби диний қарашлар мавжуд бўлган. Улар мамлакатда ҳокимият ва жамият ҳаётини белгилаган. Шу боис меъморчилик ёдгорликларининг талайгина қисмини диний иншоотлар — ибодатхоналар ва мақбаралар ташкил этган.
Деҳқончиликнинг ривожланишида Нилда бўладиган ва даврийликка асосланган баҳорги ва кузги сув тошқини, кетидан келадиган қурғоқчилик ва уларнинг яна такрорланиши мисрликларда табиатнинг ривожланиши, ўлиши ва яна ривожланиши тушунчасини шакллантиргаи. Бу эса инсон ҳаёти, худо Осириснинг ўлиши ва яна тирилиши ҳақидаги диний ишончнинг пайдо бўлишига олиб келган.
Ҳақиқатан ҳам қадимги мисрликлар инсон ҳаётини ва табиатдаги такрорий ўзгаришларни худолар бошқарадилар деб ишонганлар. Аммо негадир худоларни ҳайвон бошли одам қиёфасида тасаввур этганлар. Фикримизча, бу тушунча мисрликларда авлодлари овчилик билан ҳаёт кечирган вақтдан буён сақланиб қолган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Албатта, биз бу ерда Қадимги Миср динининг ўрта мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, фикримизни чуқурлаштирмай, меъморчилик санъати билан боғлиқ бўлган асосий худоларга назар ташлаймиз.
Қадимги Мисрликларнинг худолари подшоси бу лочин бошли қуёш худоси Рэ ҳисобланган. У суратларда доимо подшолик рамзи сифатида думалоқ шар шаклида тасвирланган. Мисрликлар фиръавн Рэнинг ердаги фарзанди, у ҳар куни олтин қайиқда осмонда сайр қилади ва ерга тушади деб ишонганлар.
Фиръавннинг худоси бу лочин қуш кўринишидаги «Хорус» бўлган. Демак, Нармер подшолик қилган пойтахт Мемфиснинг худоси Рэ Нармернинг худоси эса Хорусдир. Буни Хиеракополис деган жойдан топилган Нармернинг машҳур тоштахта политрасида кўриш мумкин. Унда шоҳ ва унинг атрофидагилар тантанавор қадам ташлаб, душман сафларини ёриб ўтаётгани умумий чизиқларда кўрсатилган. Яна палитрада маълум даражада аниқ ва ноаниқ белгиланган расмлар ҳам бор. Чамаси уларда шоҳ ғалаба қилган шаҳарлар кўрсатилган бўлса керак. Худо Рэ ҳукмдорлик ҳуқуқидан фойдаланган бўлишига қарамасдан, Хорус ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмаган. У ўсимлик ва деҳқончилик ҳомийси, ер ости дунёсининг худоси Осирис ва унинг рафиқаси ҳам синглиси, табиат маъбудаси Исидаларнинг ўғли 2000 та Миср худолари сағанаси «ПАНТЕОН»нинг бир бўлагидир. Йиртқичлар орасида энг хавфлиси шер ҳисобланган. Энг даҳшатли мусибат — даволаб бўлмайдиган касалликларни ўлат касаллиги келтирган. Ана шундан хабар топган шер бошли уруш маъбудаси ғазабга келиб, жанг бошлаган. Ўлим чекиниши билан ашула, рақс ва мусиқа худоси Бес ўйин кулги бошлаган.
Яна Ибис (лайлаксимон қуш) бошли ақлу-идрок ва ёзув худоси Тахт, чиябўри бошли мўмиёлаш худоси Анубис ва бошқа бир қанча худолар мавжуд. Уларнинг барчаси меъморчилик ёдгорликлари, ибодатхона ва мақбараларда ўз аксини топган.
Мўмиёлаш санъати. Мўмиёлашдан асосий мақсад танани у дунёдаги ҳаёт учун сақлашдир. Агар тана ҳалок бўлса, унинг руҳи «Ка» ҳам нобуд бўлади. Оиланинг имкониятига қараб мўмиёлашнинг ҳар хил усуллари мавжуд бўлган. Энг яхши ва лекин энг қиммат усул танадан унинг барча ички аъзоларини олишни талаб этган. Уларни яхшилаб қуритиш ва ўраб, «канопа» деб аталган идишларга солиб қўйиш керак бўлган. Сўнг бош мия олинган. Юрак эса алоҳида мўмиёланган ва қайтадан танага қўйилган. Чунки бу аъзо (бош мия эмас) ақл манбаи деб баҳоланган. Тана 90 кун мобайнида ўювчи натрий эритмасига солиб қўйилган. Шундан сўнг унга ҳаёт кўрининишини бериш мақсадида юз териси орасига моҳирлик билан ёстиқчалар қўйилган. Кейин тананинг ҳаммасини сурп билан ўрашган. Шоҳларни ёки муҳим шахеларни мўмиёлаганда, уларнинг қимматбаҳо олтин-кумуш буюмларини белбоғ орасига яширганлар. Лекин мақбара ўғрилари жасад безатилган хазинани олиш мақсадида мўмиёланган танани яланғочлаганлар. Мўмиёланган танани олтпн пластинка билан қопланган ёғоч тобутга солганлар. Хўш, буларни биз қаердан биламиз? Агарда машҳур Тутанхамон мақбараси бўйича фикр юритадиган бўлсак (бизга маълум бўлган фиръавнларнинг дафнлари ичида ўғирланмай топилган ягона мақбарадир), ундаги тобут жуда чуқур (учтаси устма-уст қўйилган) ва тоза олтиндан ишланган.
Фикримизча, бундай мўмиёлаш одати подшолик учунгина бўлиб, айниқса у янги подшолик даврида Нубий мамлакатидан кўплаб олтин олиб келиш вақтида авж олган (10-расм).

ХЕОПС — УЛКАН ПИРАМИДА

Миср эҳромлари. 3-сулоланинг биринчи фиръавни Жосер (Зосер) бўлган. Жосер эҳроми (пирамидаси)нинг қурилиши катта тошлардан улкан бинолар ихтиро қилган ва ёзув санъатида юксак ютуқларга эришган меъмор Имхотеп номи билан боғлиқ. Жосер қабри Қоҳирадан тахминан 6 км нарида жойлашган. Тошдан ишланган бу улкан мақбара дунёдаги энг қадимги ёдгорликдир. Унинг қурилиш вақти эрамиздан аввалги 2780 йилга тўғри келади (11-12 расмлар).
Бу иншоот бир қатор зинапоялардан ташкил топган эҳром бўлиб, устма-уст қўйилган ва юқорига кўтарилган сари кичрайиб борувчи бир қанча мастабалар йиғиндисидан иборат.
Пирамиданинг асоси квадрат бўлиб, у қоянинг 25 м ичкарисига жойлашган. Яна пастроқда эса фиръавннинг дафн қилиш хонаси бўлган.
Пирамида ва унинг атрофи оҳак тошлардан терилган баланд девор билан ўраб олинган. Ана шу деворнинг айрим қисмлари ҳозиргача сақланган ёки улар қайта тикланган. Ички деворнинг қарама-қарши томонида қатор ёдгорликлар қад кўтарган. Эҳтимол, улар ҳар хил худоларга   бағишланган   ибодатхоналар   бўлса   керак.
Ўзига хос бир кўринишда, бутунлай ёғоч ва сомондан бунёд этилган бу бино ҳақиқатда эса тошдан йўниб ишланган, чунки энди шоҳнинг кулбаси мангу бўлиши талаб этилган.
Имхотепнинг қиёфасн бинонинг ичкарисида ҳайкал кўрннишида пайдо бўлади. Бу билан мисрликлар вазирнинг обрўси ва қудрати нақадар юксак эканлигини кўрсатганлар. 3-сулола унинг охирги фиръавни Снофрунинг вафоти билан тамом бўлган. У тириклик вақтида ўзи учун томонлари текис бўлган иккита улкан пирамида қурдирган. 4-сулолага келиб пирамидалар қуриш катта даври бошланган.
Мисрда 70 дан ортиқ пирамида бор. Улар Саккарах ва Дашурдан то Ғарбдаги Хауварагача чўзилган. Ҳар бир пирамида фақат битта фиръавннинг қабридан иборат бўлган. Жосер подшолик қилган даврдан сўнг маликалар ҳам ўзларининг шахсий пирамидаларига эга бўла бошлаганлар. Бу пирамидалар кичикроқ ва эрларининг ёнида бўлган. Асосий пирамиданинг атрофида эса олийжаноб ва юқори мансабли кишилар учун мастабалар жойлашган. Фикримизча, бу кишилар ўз хўжайинига унинг тириклигида қандай хизмат қилган бўлсалар, у ўлгандан кейин ҳам унга худди шундай хизмат қилишларига ишонганлар. Пирамидалар очиғини айтганда, ҳамма мақбаралар Нил дарёсининг ғарбий қирғоғида — ботаётган қуёш мамлакатида жойлашган. Шу қирғоқда жойлашган ўликларни ҳар хил ном билан атаганлар. Уларга «Ғарбликлар» деб ном ҳам берганлар.
Нил дарёси Мисрни ҳозирги кунда ҳам иккига ажратиб туради ва мисрликлар ўзлари яшаб турган дарёнинг шарқий қисмини «Тириклар мамлакати», ўзларига қарама-қарши бўлган дарёнинг ғарбин қисмини «Ўликлар мамлакати» деб атайдилар.
Мисрдаги машҳур пирамида 4-сулоланипг биринчи фиръавни Ҳуфу томонидан қурилган. Уни юнонликлар Хеопс деб атаганлар. Бу пирамида Қоҳира яқинида Нилнинг ғарб томонидаги тошлоқ ерда қад кўтариб туради. Ундан унча узоқ бўлмаган масофада Хеопс меросхўрлари Хафр (Хефрен — юнонча) ва Микериносларнинг пирамидалари жойлашган. Ана шу учала пирамида биргаликда таъсирчан архитектура уйғунлигини вужудга келтиради.
Хеопснинг улкан пирамидаси ягона сақланган пирамида бўлиб, юнонликлар уни Етти Иқлим мўъжизаси деб атаганлар. Дарҳақиқат, у яхлит ва етарли даражада мустаҳкам  иншоот  бўлиб,  2.300.000  та  оҳактош блокларидан ишланган.
Жумладан ҳар бир блок ҳисобда 2,5 тонна оғирликда бўлган. Пирамиданинг ичида бир нечта бир-бири билан чалкаш йўллар бор бўлиб, улардан бири шоҳнинг жасади қўйилган хонага олиб боради лекин бу ердаги жасад ўша Жосернинг гўрхонасидан фарқ қилгани ҳолда, пирамиданинг ўртасига жойлашган.
Хона гранит блоклар билан қопланган. Ҳар бири тахминан 60 тонна келадиган блоклар 900 км масофадан — Ассуандан келтирилган. Саркофаг ҳамда тош тобутнинг сиртқи томони мустаҳкам гранитдан ишланган.
Эрамиздан 4500 йил аввал қад кўтарган бу бино бизни ҳануз таажжублантиради, чунки мисрликлар бу даврда ғилдирак билан ҳали таниш эмас эдилар. Қурилишда улар ихтиёрида фақат цилиндрсимон жисмлардан дастаг бор эди холос. Аммо одамлар улкан блокларни сомондан тўқилган арқон ёрдамида тер тўкиб қандай ташиганлар? Кишини ҳайратда қолдирадиган мўъжизалардан яна бири улкан иморатни шимол, жануб, шарқ ва ғарб томонга йўналтиришдир. Қарангки, пирамида ўлчовларининг жуда катта бўлишига қарамасдан (асосининг ҳар бир томони 137 м, баландлиги 147 м), унинг йўналиши абсолют аниқлик  билан  бажарилган   (14—15-расмлар).
Айтишларича, ҳозирги замон денгиз компаси билан улкан пирамиданинг   йўналишларини текшириш мумкин. Бугунги кунда Хеопс пирамидасининг ташқи қиёфаси зинапояли шотини эслатса-да, аслида чиройли оппоқ тошлардан қопланган бўлиб, яхлит ва силлиқ юзадан иборат бўлган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Хефрен пирамидасига мурожаат қиламиз. Унинг юқорисидаги қопламанинг асосий қисми ҳали ҳам мавжуд. Ана шундай қоплама тошларнинг баъзилари Хеопс пирамидасининг остонасида ҳам топилган.
Қопламалар шунчалик йўниб текисланган ва ҳеч қандай эритма ишлатмасдан бир-бирига шунчалик туташтирилганки, оралиғидан ҳатто бир парча қоғозни ҳам ўтказиб бўлмайди.
Ана шу қопламаларнинг мавжудлиги ҳақида Қадимги Юнон тарихчиси Геродот ҳам фикр билдириб, қурувчилар пирамида сиртини қоплашни унинг юқорисидан бошлаганлар деган хулосага келган.
Пирамиданинг қурилиши. Ҳозирги замон мисршуносларининг ҳисоблашича, пирамидалар қуришдан олдин мисрликлар дастлаб тоғлик ерларда зовурлар қазиб, текис ва яхлит пойдевор қилишга эришганлар. Бунинг учун зовурни сув билан тўлдириб, унга қозиқлар қадаганлар ва сувнинг юзасини белгилаганлар. Сўнг атрофни текислаб, зовурни тоғ тошлари билан тўлдирганлар ва қозиқлардаги белгилар билан бараварлаштирганлар. Натижада бўлажак пирамиданинг текис ва яхлит пойдевори вужудга келган. Бу вақтда тош ётқизувчи мутахассис пирамида учун ишлатиладиган тошларни бир неча йил мобайнида текислаб пардозлаган. Блоклар фақат уч ойга етадиган қилиб тайёрланган, чунки ҳар йили бўладиган сув тошқини натижасида уч ой давомида ишсиз қолган деҳқонлар ана шу пирамида қурилишига жалб этилганлар. Биринчи қатор тошлар ўрнатилгач, унинг атрофига шағал ётқизилиб, бир томонга нишаб тортилган. Кейин блокларни тортиш йўли билан нишабга олиб чиқилган ва биринчи қатор устига қўйилган. Ана шу йўсинда пирамида секин-аста қаторма-қатор юқорига кўтарилган сари унинг атрофидаги шағалдан қилинган нишаб ҳам спирал шаклида кўтарилиб борган.
Пирамида чўққисига охирги тош қўйилганда, у қум аралаш шағалга бурканган массани эслатган. Худди шу вақтда моҳир ва тажрибали тош терувчилар пирамиданинг сиртини силлиқ блоклар билан юқоридан пастга қараб пардозлай бошлаганлар.
Ишчилар  эса бир  вақтнинг ўзида пардозлаш ишларини юқоридан пастга тушишига қараб қум ва шағалларни четга торта бошлаганлар. Ташқаридаги ишлар тамом бўлгунга қадар пирамиданинг ичкарисида ички йўллар ва дафн қилиш хонаси қурилган. Дафн этиш маросими тугагач, уни барчадан сир тутиш мақсадида хонага олиб борувчи барча эшикларни илгаритдан тайёрлаб қўйилган улкан блок тошлар билан беркитиб, муҳрлаб қўйганлар. Гизадаги улкан эҳром яқинида сирли сфинкс бор. У ким томонидан ва нима учун яратилганлиги ҳанузгача номаълум. Аммо тушуниш мумкинки, ярим одам ва ярим шер сифатида яратилган бу ҳукмдор ўрнида Миср фиръавни Хефрен ўз аксини кўрган бўлса ажаб эмас (16—17-расмлар).
Ҳайкалтарошлик. Ҳайкалтарошлик санъати Мисрда қадимги подшолик давридаёқ юксак даражада бўлган.
Кимматбаҳо диорит тошидан ясалган ва ҳозирги кунда Қоҳира музейида сақланаётган Хефреннннг бош ҳайкали дунёдаги энг нодир асарларидан биридир.
Бу ҳайкал асарда фиръавннинг боши билан елкаси тасвирланган. Унинг ясама сочи, орқасидаги ҳомийси худо лочин Хорюснинг қанотлари орасига яширинган. Портретда бирорта кераксиз эгри, ортиқча чизиқларни топиш қийин. У юксак даражада маҳорат билан ишланган. Бу дарҳақиқат, қудратли сиймо. Савлатли елкалар ҳақиқатан ҳам шоҳларга хос буюкликни сездириб туради. У ҳам шоҳ, ҳам худо ҳисобланган.
Қадимги подшолик давридаги ҳайкалларнинг кўпчилиги шунга ўхшаш сифатга эга бўлган. Кейинги сулолалар даврида санъат кўпроқ ватанпарварлик йўналишида бўлгани билан у ҳоч қачон қадимги подшолик давридаги сингари таъсирчанлик даражасига кўтарилган эмас. Бу ажойиб ҳайкалларни инсон ўз кўзи билап кўриш шарафига эга бўлмаганлиги бизга ғалати туюлади. Шубҳасиз бунинг сабаби бор. Жаҳон музейларига қўйилган бу ноёб асарларнинг кўпчилиги, яъни ҳайкал «Ка» дастлаб мастабаларнинг ер ости хоналарига яширинган. Одатда мисрликлар ўлган кишининг руҳи, яъни Ка озиқ-овқатлар, совғалар олишига, ҳатто хушбўй нарсалар — Фимиаманинг ҳидларини сезиши мумкинлигига ишонганлар. Шунинг учун ҳам фиръавннинг жасади қўйилган хонада унинг сиймосини тасвирловчи ҳайкал ўрнатилган. Ҳайкалнинг ичида эса унинг руҳи Ка яшаган. Ҳайкалнинг қарама-қарши томонидаги деворда тешик бўлиб, руҳ ана шу тешикдан озиқ-овқатлар олиб турган.
Аслида эса овқатларни руҳлар номидан кашишлар олганлар ва уларни овқатлантириб турганлар. Шу боисдан, инсон қўли билан яратилган ҳайкаллар инсон кўзидан ғойиб бўлган.

ИНҚИРОЗ

Эрамиздан аввалги 2400 йилнинг бошларига келиб Ўрта подшолик даврида Миср давлати инқирозга юз тутади. Қадимги фиръавнлар ташаббуси билан олиб борилган улкан қурилишлар, мамлакатни моддий бойликлари манбаини ҳолдан тойдирган. Маҳаллий зодагонлар борган сари обрўга эга бўла бошлаганлар. Номаркларнинг ҳокимияти кучая бошлаган. Улар ўзларини пойтахт амалдорларига, ҳатто фиръавннинг ўзига ҳам қарама-қарши қўя бошлаганлар. Оқибатда бу мамлакат бир неча ярим мустақил вилоятларга бўлиб юборилган. 6-сулолапинг охирги ва кучли фиръавни Пепи II бўлган. Ундан кейин мамлакатни 7-сулола бошқарган. Бу вақт ичида фуқаролар уруши ва ўзбошимчалик авж олган эди. Кадимги юнон тарихчиси Манефоннинг айтишича, 70 кун ичида 70 та шоҳ алмашган. 8-сулола узоққа чўзилмаган. 9- ва 10-сулолалар фиръавнлари мамлакатни яна бирлаштиришга  кўп уриндилар  лекин натижа  бўлмади.
Шунинг учун ҳам тарихчилар 7-дан 10-сулолагача бўлган вақтни биринчи оралиқ давр деб атаганлар.
11-сулола юзага келиши билан ўрта подшолик даври бошланган. Бу давр эрамиздан аввалги 1700 йилгача давом этган. Хирмонтизлик бир монарх оиласи (юқори Миср) ҳокимиятни ўз қўлига олади ва қисман обрў қозонади. Аммо Ўрта подшолик фиръавнларини бахтсизлик ва фалокат таъқиб қила бошлайди. Буни 12-сулола асосчиси Аменембатнинг ҳайкал шаклидаги портретида кўришимиз мумкин. Унинг чарчаган ва ажин босган юзи қийинчиликларни сабр-тоқат ва чидамлилик билан енгганлигининг оқибати эканлигини ҳайкалтарош усталик билан тасвирлаган.
Ўз навбатида мисрликлар ҳам қўшни давлатларга юриш қила бошладилар. Биринчи бўлиб Сурия мамлакати забт этилди. Экспансия жанубга Нубийлар ҳудудига қараб авж олди. У ердан эса олтин, фил суяги ва қуллар кўплаб келтирилди. Кимматбаҳо тош ва олтинлар кўмиш маросимларини безаш учун ишлатилди.
1913 йилда Флиндер Петри экспедицияси Эль Лахундаги Сахотрис II пирамидасида олтиндан ишланган зеб-зийнатларнинг ажойиб намуналарини топган.
Пирамида ичида ҳеч нарса йўқ эди, аммо унинг ёнида шоҳ оиласи аъзоларининг бир қанча мақбаралари мавжуд бўлган. Саркофаг хоналари ҳаммаси ўғирланган. Лекин уларнинг бирида қотиб қолган ифлос билан тўлдирилган токча бўлган. Ана шу токча кавланганда, ундан бир Сетгатор-Юнет исмли маликанинг олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлари топилган. Ҳозир бу топилмалар Нью-Йоркдагп Метрополитен санъат музейида сақланади.
Монументал меъморчиликда эса пирамидалар курилиши Ўрта подшолик даврида ҳам давом эттирилади. Аммо шакл жиҳатидан улар бир-бирларига ўхшасалар-да, масштаби жиҳатидан қадимги подшолик пирамидаларидан анча кичик ва кам дабдабали бўлган.
Пирамидаларнинг баландлиги 65 метрдан ошмаган. Уларнинг ўлчовлари ҳаддан ташқари кичик бўлса-да, ички бўшлиқлари анча кенг бўлиб, одатда гўрхона ва зиёратхона каби қаватларга бўлинган.
Кўряпмизки, қадимги подшоликка хос бўлган серсавлатлилик, жиддийлик ва самовийлик мутлақо йўқолган. Пирамидалар қурилишидаги тушкунликнинг сабаблари қаерда? Ўйлаймизки, бунинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, иқтисодий жиҳатдаи кучсизланиб қолган давлатда фиръавн ҳам ва унинг атрофидаги намоёндалари ҳам қадимги подшолик давридагидек улкан иншоотлар қурдиришга ожиз эдилар. Ундан ташқари, Ўрта подшолик даврида катта пирамидалар қуришга зарурият ҳам йўқ эди, чунки Мисрда худди шу вақтда ягона марказий ҳокимият бўлмаган. Яна катта ҳажмдаги иншоотлар қуриш ғояси янги бирлашган Мисрнинг маркази Фивада, Ментухотиб III ва Ментухотиб IV ларнинг мақбарасида жонланган. Бу ерда эҳром пешайвонларининг мураккаб системаси билан уйғунлаштирилган, яъни у пешайвонлар устига қўйилган. Бунда биз эҳромни моҳирлик билан мураккаблаштириш ғоясини кўрамиз. Эҳром бинонинг умумий композициясига қўшилиб кетган. Лекин хулоса қилиб айтганда, бу гал пирамида бинонинг бир қисмигина бўлиб қолган холос.
Ўрта подшолик даврида дафн этишнинг асосий турларидан яна бири ҳақида қоялардаги мақбаралар гувоҳлик беради.
Бу ўринда ўзининг доридий ордерига ўхшаш устунлари билан машҳур бўлган Бени—Ҳасандаги мақбаралар жуда характерлидир. Мақбарага кираверишида ўрнатилган икки устун кўпқиррали бўлиб, юнонларнинг «канелюр»ли устунини эслатади. Шу боисдан бу устунлар — «протодорический»,   яъни   дорида   услубидаги устунлар деб аталган.
Дарҳақиқат, «протодорик» устуни Миср меъморчилигида тектоник шакл бўлиб, уни яратувчилар бу жиҳатидан қадимги юнон меъморчилигига яқинлашганлар. Аммо қадимги Юнонистондагидек классик ордер Мисрда яратилмади.
Умуман олганда, Ўрта подшолик даврида Миср меъморчилиги бир неча шакллар кашф этгани билан у қадимги подшолик даврига нисбатан юқори босқичга кўтарила олмади. Бироқ, бундан кейин келадиган янги подшолик даври учун янги пойдевор яратилди дейиш мумкин.
Ўрта подшолик эрамиздан аввалги 1700 йилга келиб тамом бўлди. Бу Миср ҳудуди осиёлик гиксослар томонидан босиб олинган вақтда юз берди.
Осиёлик қабилалар мисрликларга қарши жангда отлардан ва от қўшилган икки ғилдиракли аравалардан фойдаланганлар. Бундай урушни мисрликлар умрларида кўрмаган эдилар. Бу эса уларнинг инқирозига сабаб бўлди. Гиксосларнинг шохлари ўзларини фиръавн деб эълон қилдилар. Аммо улар мамлакатни буткул бирлаштиришнинг уддасидан чиқа олмадилар, чунки Фивада Миср ҳокимларининг туриши давом этарди.
Гиксослар ҳукмдорлиги узоққа чўзилмади. Уларнинг салтанати 15—16 ва 17-сулолалар даврини ўз ичига олди. 17-сулоладан бошлаб (эрамиздан аввал XVII аср охири) фиваликлар раҳбарлиги остида душманга қарши матонатли кураш бошланди.
Эрамиздан аввалги XVI асрнинг биринчи ярмига келиб Миср фиръавни 18-сулола асосчиси Ахмос гиксосларни Миср ҳудудидан буткул қувиб чиқарди ва янги подшолик даври бошланишига асос солди, бу эса Мисрда буюк империя даври деб баҳоланди.

ФИВА ВА ШОҲЛАР ВОДИЙСИ

Гиксосларга қарши биринчи бўлиб кураш бошлаган ва янги подшоликнинг буюк бошқарувчилари сулоласига асос солган фивалик ҳокимлар (18-сулола фиръавнлари) ўз пойтахтларини Фивада (Юқори Миср) ташкил этдилар. 500 йил мобайнида бу шаҳар дунёнинг энг улуғ ва муқаддас марказига айланганди. Фиванинг худоси Амон энди муҳим роль ўннай бошлади. Унга алоҳида эътибор берилди. У қуёш худоси Рэга сингдирилди.
Натижада Амон-Рэ Мисрнинг асосий худоси деб танилди. Энди у бошига қуёш тожи кийган, туяқушнинг икки дона пати билан улуғланган чавандоз сифатида шаклланди.
Тез орада шаҳарда улкан қурилишлар бошланди. 18-сулола фиръавнларининг дабдабали саройлари, оқсуякларнинг серҳашам виллалари Миср худоларининг қасрлари қад кўтарди. Ҳатто узоқдан Нил қирғоғидан ҳам шаҳар улкан ва гўзал кўринган. Қирғоқдан кўтарилиб кетган йўлнинг икки томонида қатор тизилиб турган баҳайбат, талабчан сфинкслар ҳиёбони, пилонларнинг қудратли миноралари, ажойиб устунлар қатори майдонларда ялтираб турган ёдгорликлар, шубҳасиз, фиваликларни мафтун этган.
Дарёнинг ўнг томонида, қирғоқдан ғарбга қараб чўзилган текислик кескин кўтарилиб, баланд тоғларга туташган жойида шоҳлар водийси бўлган. Барча обрўга эга бўлган кимсалар, жумладан, фиръавнлар ҳам ана шу кимсасиз водийда, қоялар остонасида дафн этилганлар. Шунинг учун ҳам бу ерлар  «Шоҳлар водийси» деб ном олган.
Маълумки, бу даврда улкан эҳромлар бошқа қурилмади. Ўлган фиръавнларнинг жасадлари эса ана шу қоялардан жой олди. Зодагон ва юқори амалдорлар ҳам шу ерда дафн этилганлар. Аммо уларнинг қабрлари анча кичик бўлиб, шоҳлар мақбараларидан узоқда жойлашган.
Маликаларнинг қабрлари узоқда эмас, ўзларининг шахсий водийларида, «Қироличалар водийси» деб номланган ерда бўлган.
Қояларнинг шарқида водийга қаратиб шоҳларнинг зиёратгоҳлари қурилди. Аммо Рамзес II нинг массив саройидан ташқари уларнинг қолгани бизгача етиб келмаган. Сарой қурилган жойда Аменофис III нинг иккита улкан ҳайкали ҳали соқчилик вазифасида туради.
Ҳар ҳолда «ўликлар мамлакати» кимсасиз бўлмаган. Дафн этиш маросимларини назорат қилувчи руҳонийлар, жасадларни мўмиёловчилар, қабр усти ёдгорликларини тайёрловчи мутахассислар ғарбий қирғоқнинг ягона эгалари бўлган.
Фиръавн ўз қабрини қуришни подшолик тахтига ўтирган кундан бошлаган. У бунга йиллар, баъзан эса бутун умрини бағишлаган.
Қиролича Хатшепсут. 18- ва 19-сулолалар янги подшолик даврида Мисрни буюк ҳарбий давлатга айлаитирган салобатли, жанговар фиръавнлари билан машҳурдир. Улар ўз ғалабаларини узоқ Осиёгача кенгайтирдилар. Сурия шаҳарларини босиб олдилар ва катта солиқлар талаб этдилар. Ўлжалар шоҳ ва Амон руҳонийларининг сандиқларига тушди.
Дастлабки уч жангчи: Ахмос, Аменофис I, Тутмос I лар подшолик гаштини сурдилар. Сўнгги охирги фиръавн Тутмос I нинг ўғли Тутмос II касаллиги туфайли ёш вафот этди, унинг меросхўри Тутмос III давлатни бошқаришга ҳали гўдаклик қиларди. Шунинг учун ҳокимият аёл қўлига — қиролича Хатшепсутга ўтди.
Фиръавнлар оиласининг мураккаблиги шундаки, аёлдан бир йўла ҳам хотин (ёшда каттароқ бўлишига карамасдан), ҳам қайнона бўлишни талаб этган. Бу аёл кучли истеъдод эгаси бўлган ва ўз қўли остидаги хизматкорларга илтифот кўрсатган. У мамлакатни моҳирлик билан осойишта бошқарган. Ҳатто Тутмос балоғат ёшига етканда ҳам Хатшепсут қонуний меросхўрга ҳокимиятни беришни истамаган. У қўшни давлатларга уруш эълон қилмаган, аксинча, савдо кемалари экспедицияси Пунт давлатига, яъни «хушбўй ҳидли мамлакат» (ҳозирги Сомали)га юборилиб, у ердан кўп нарсалар, жумладан, хушбўй қатрон ишлаб чиқарадиган бальзамли терак ва мисрликларга ўта маъқул бўлган бошқа экзотик ўсимликлар олиб келтирилган.
Ана шу экспеднциянинг Пунт мамлакатига қилган саёҳати Дайр — Эль—Баҳридаги малика Хатшепсут қурдирган қасрнинг деворларида ўз аксини топган.
Воқеа айвон деворига рельеф услубида берилган бўлиб, унинг фриз қисмидаги суратда Хатшепсут солдатлари қўлларида хушбўй ўсимликни кўтариб келаётганликлари ҳаққоний тасвирланган. Экспедицияга қироличанинг севимли меъмори ва саройдаги барча ишларнинг ягона ишончли кишиси Сенмут бошчилик қилган.
Дайр-Эль-Баҳридаги ажойиб қасрнинг муаллифн ҳам Сенмутдир. Бу обида Дайр-Эль-Баҳрининг шимолий қисмида, Ментухотеб ёдгорлиги билан ёнма-ён қурилган бўлиб, ундаги кўп шакллар такрорланган. Қасрни фиван сулоласи асосчиси Ментухотебнинг ёдгорлигига яқинлаштириш ва шу билан ҳокимият улуғ авлодларидан мерос эканлигини сездириш Хатшепсутнинг бирдан-бир истаги бўлган.
Хатшепсут обидаси (ибодатхона) Миср меъморчилиги тарихининг муҳим босқичларидан биридир. Бу бино меъморчилигининг Ўрта подшолик иншоотларидан асосий фарқи лойиҳалаш ва безатиш жиҳатидан икки давр обидаларини ўзаро солиштирганда ёрқин намоён бўлади (23-расм).
Ментухотеб ибодатхонаси каби Хатшепсут ибодатхонаси ҳам уч терассага жойлашган. Терассанинг горизонтал чизиқлари пешайвоннинг вертикал чизиқлари билан ҳамоҳанглашиб кетади. Бу обида архитектурасининг яхлитлилиги атрофдаги сарбаланд тоғлар орқали сезилади. Шу билан бирга Ўрта подшолик ибодатхоналаридан фарқ қилгани ҳолда, Хатшепсут ибодатхонасида дафн этиш содир бўлмаган, яна Ментухотеб ибодатхонасига нисбатан у фойдалироқ ва безакларга бой бўлган. Бу ҳолат ибодатхонанинг ўзига хос архитектурага эга эканлигини белгилайди.
Ибодатхонага узун йўл орқали борилади. Йўлнинг икки томонида ҳар 10 метрда қумтошдан йўниб ишланган сфинкслар туради. Уларда фиръавн образи подшолик обрўсига хос барча белгилар: осма соқол ва клават билан гавдалантирилган. Сфинкс сиймосида матонатли ҳукмдоргина эмас, балки гўзал ва нозик юзли аёл назокати ҳам сезилиб туради.
Катта ишлар Карнакда ҳам олиб борилди, Хатшепсут у ердаги катта ибодатхонани кенгайтирди ва баҳайбат ёдгорликлар тиклади. Улардан бири ҳозир ҳам мавжуд. У гранит тошдан ишланган, оғирлиги 600 тоннага яқин ёдгорлик устунидир. Афсуски, ундаги қироличанинг мардлигини мадҳ этувчи ёзувлар ўчирилган. Бу меросхўр ва маликанинг ашаддий душмани Тутмос III нинг иши эди. Хатшепсут вафотидан сўнг у ўч олиш мақсадида унинг Дайр-Эль-Баҳридаги ҳамма ҳайкал шаклидаги тасвирларини йўқ қилиб юборди. Ёдгорликлардаги маликанинг номи битилган барча ёзувларни тошлар билан беркитди. Ҳатто ибодатхонани бузиш ҳақида буйруқ берган. Буни қазилмалар натижасида топилган кўпгина ҳайкал ва сфинксларнннг фрагментларидан биламиз. Ҳаммаси ваҳшиёна вайрон қилинган. Ана шунинг учун ҳам биз улуғ қироличанинг портрети ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз.
Тутмос III Мисрнинг энг ашаддий уришқоқ фиръавни бўлган. У ҳукмдорлик даврида 17 маротаба жанговар юриш қилган. Босқинчилик юришлари билан Ефратнинг нариги томонигача ҳам ўтган. Мағлубиятга учраган шоҳларни ўзига бўйсундириш мақсадида кишиларни гаровда ушлаб турган. Осиёга қилган юришидан қайтгандан сўнг Тутмос III ўзининг ҳарбий қаҳрамонликларини абадийлаштириш ниятида Карнакда алоҳида иморат қурдирди. Бу даҳлиз ва икки устунли кенг хонадан иборат бўлиб, деворлари нилуфар, пипирус гуллари ва бошқа рельефли суратлар билан безатилган.
Тутмос III нинг вафотидан кейин тахминан эрамиздан олдинги 1436 йилда унинг ворислари дастлаб Аменофес II, кейин Тутмос IV лар фиръавнлик қилган. Улардан сўнг эрамиздан аввалги 1405 йилда Миср қиролининг тахтини Аменофис III эгаллаган. Бу фиръавн беқарор бўлиб, зеб-зийнатга берилган. Бу таралабедод монарх гўзал рафиқаси Тиуининг таъсири остида бўлган. Аменофис III нинг 36 йиллик ҳукмдорлиги даврида санъат кучсизланди ва бирмунча нозиклашди (хотин юзли эркак). Бошқа фиръавнлар сингари Аменофис III ҳам Карнакда ибодатхона қурдира бошлаган. Аммо бу бино одатдагидек Мисрнинг энг олий худоси Амон-Рэга ёки Миср маъбадидаги (Паптеон) бошқа асосий худоларга эмас, балки қуёш гардиши кўринишидаги Атон худосига бағишланган эди. Бу билан фиръавн эски ибодатхонани йўқ қилиб, янгиси билан алмаштирди. Аменофис III нинг бундай дадил ҳаракатининг сабаби бор эди. Чунки, катта обрўга эга бўлган Амон руҳонийлари ўзларини фиръавнга қарама-қарши қўябошлаган эдилар. Шунинг учун ҳам Аменофис III уларни ҳокимиятдан четлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Атон худоси бутун тириклик ва ерни яратувчи деб эълон қилинди. Фиръавн эса чин диний эътиқодга эга бўлган ягона киши сифатида Атоннинг севимли фарзанди деб юритилди.
Ана шу тарзда Мисрда яккахудолик вужудга келди. Бу эса тарихда инқилобий дунёқараш деб баҳоланган.
Ахенатон. Аменофис III умрининг охирида мамлакатни бошқаришни ўғли Аменофис IV га топширди. Аменофис IV Нефритити номли соҳибжамол қизга уйланган ва ундан жуда кўп қиз кўрган. Улардан бири — Анхеснамон, ўша вақтда жуда ёш бўлган Тутанхамонга турмушга чиққан.
Аменофис IV Миср тарихида энг ажойиб шахслардан бири эди. У давлатни идора қилишда отасининг йўлини давом эттирди. Амон қоҳинларига нафрат билан қаради, бошқа кўп ҳар хил худоларни ҳам тан олмади, ниҳоят Атонни улуғлаб, уни Амонга қарама-қарши қўйди. Натижада Фивада Амон руҳонийларининг кескин қаршилигига учради.
Амон коҳинлари қаршилигини енгиш ва янги худога бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсадида Аменофис IV сарой аҳиллари билан Фивани тарк этиб, ўзининг янги пойтахтини Эль Амарнада, яъни Фива билан Мемфис орасидаги кимсасиз ерда барпо этди.
Тахминан 1370 йилда (эрамиздан аввал) у бутунлай янги шаҳар тиклади. Ўзига ажоииб сарой, Атон худосига атаб эса ибодатхона қурдирди. Ўз номини ўзгартириб («Қуёш гардишига» маъқул бўлган) Ахенатон номини қабул қилди. Шунга мос равишда Анхеснамон ва Тутанхамонлар ҳам Анхеснатон ва Тутанхатон номларига эга бўлдилар.
Ана шу вақт ичида, Аменофис III Фивада яшарди. Отасининг ўлимидан сўнг Ахенатон ягона ҳукмдор бўлган ҳолда дастлаб барча Амон-Рэ шаклларини йўқ қилади. Дарёнинг пойтахтига қарама-қарши қирғоғида у ўзи, хотини ва сарой аҳилларига бағишлаб қатор мақбаралар қурдирди. Ўймакорлик услубида ишланган деворлардаги суратларда биргина Атон худоси тасвирини кўрамиз. Бунда Атон образи — қуёш гардиши кўринишида ифода этилган. Шакллар деворга ўйиб ишланган (24-расм).
Шардан тарқалаётган қуёш нурлари остида Ахенатон ва унинг хотини Нефертити қўлларини юқорига кўтарган ҳолда Атонга сажда қилмоқдалар. Атон нурлари эса гўё инсон қўлларига айланиб, панжалари билан уларнинг бошларини силаётгандек қилиб ишланган. Бошқа суратда оилавий маросимни кўрамиз. Унда Ахенатон онаси Тиуи билан оила удумига бошчилик қилаётган пайти тасвирланган. Лавҳада юксак реализм тўлиқ, чуқур ва тўғри акс эттирилган. Қирол товуқ ейиш билан банд. Тиуи эса ёнида ўтирган Ахенатоннинг қизларидан бирига овқат беряпти. Бу санъат асари ўзининг ҳаётга яқинлиги билан илгариги Миср санъати намунасидан фарқ қилади. Барельефлардаги ва ҳайкаллардаги реализм ёки натурализм Амарна санъати учун характерли бўлган. Масалан, фиръавн мўмиёсининг гувоҳлигига қараганда, Ахенатон касалманд, танаси ҳам номутаносиб бўлган. Шунга кўра, у қорни осилган, бўйни ингичка ва узун, кўзлари ва оғзи катта, лаблари қалин қилиб тасвирланган. Шу вақтгача Мисрда шоҳ оиласининг юз хусусиятлари бу қадар кўрсатилмаган эди. Қабрлардаги ягона ёзувлар ҳам Атонга бағишланган бўлиб, уни фиръавннинг ўзи тўқиган бўлса керак. Бу ёзувлар гўё худони бутун дунё ҳокими сифатида олқишлайди. Ундан ташқари ёзувларда қабрдаги марҳумнинг номи ва унинг жойи ҳам белгиланган.
Ахенатон Эл-Амарнада ажойиб сарой ва Атон худосига атаб ибодатхона қурдирган. Шаҳар марказида қад кўтарган бу диний қаср Пер-Атон-Эм-Ахетатон, яъни Ахетатон, Атон уни номи билан бизга етиб келган. Умуман олганда, Тель-Эль-Амарна биноларида 18-сулоланинг бошланишида анъанавий тузилиш — тўғри тўртбурчакли план, пештоқли дарвоза, алоҳида қисмларининг мунтазам тартиби такрорланади. Лекин шу билан бирга Амарнадаги ибодатхоналар янги хислатларга эга. Масалан, уларнинг ўлчовлари уичалик улкан эмас, улуғворлиги кам, базальт ва гранит ўрнига ёғоч ва хом ғишт ишлатилганлиги сабаблн деворлари мустаҳкам бўлмаган. Аммо архитектурада йўқотилган монументаллик бу ерда кўп безаклар, ранг-баранг рельеф ва ҳайкаллар, ярқираган зарҳал нақшлар билан тўлдирилган (26-расм). Сарой меъморчилигини ўрганишда Амарна алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ерда фиръавнга ва унинг оила аъзоларига тегишли бўлган учта сарой сақланган. Ахенатон саройи пойтахтнинг ўртасида, қолган иккитаси — шаҳарнинг шимолий ва жанубий чеккаларида жойлашган.
Асосий сарой Нил қирғоғи бўйлаб қурилган. Фасаднинг узунлиги 700 метрга тенг. Кенг кўча саройни иккига — шарқий ва ғарбий қисмларга бўлиб туради. Унинг ғарбий қисми серҳашамат бўлиб, шарқий қисми тураржой учун хизмат қилган. Атон худосининг ибодатхонаси ҳам шу қаторга жойлашган.
Саройнинг тантанали қисми ва унинг режаси ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Чунки у ҳали тўлиқ текширилмаган.
Агар тахмин қиладиган бўлсак, саройга кириш дарвозаси «Пилон» кўринишида бўлган, унинг орқасидаги иморатлар эса катта ҳовлига бирлашган. Ҳовлида фиръавннинг кварцдан ишланган ҳайкаллари бўлган. Ҳовлининг жанубий томонида айвон жойлашган. Унинг палмасимон устунлари олтин ва фаянцдан инкрустация қилиб безатилгаи.
Саройнинг шарқий — кишилар яшайдиган қисмида омборлар, боғлар ва ёрдамчи хоналар билан бир қаторда бирталай заллар мавжуд. Булар ичида устунли зал кишида алоҳида қизиқиш уйғотади. Унинг нақш билан қопланган полида ҳовуз тасвири туширилган. Унда биз нилуфарларни, Нил  қамишзорларини, уларда  учиб  юрган қушларни, сувда сузаётган балиқларни ва тез ҳаракат қиладиган ҳайвонларни кўрамиз.
Бу безаклар ҳам мазмуни, ҳам услуби жиҳатидан ҳаддан ташқари қизиқарлидир. Композициялар эркин тузилган, ҳайвонларнннг гавдалари табиий тасвирланган.
Кушларнинг ҳилпираётган қанотларида сув томчиларининг жилваланиши, ҳавонинг тозалиги, ёруғлик, хуллас, эрта тонг мусаффолиги санъаткорона моҳирлик билан ижро этилган.
Тель-Эль-Амарна-Ахетатон шаҳри ҳаммаси бўлиб чорак асрдан камроқ яшади. Миср империяси Ахенатон ҳукмдорлига остида емирила бошлади. Чунки бу фиръавн ўта худбин бўлган. У  ўзини  бутунлай  ўз  оиласига  ва  динига  бағишлаган.
Хититлар Мисрга қарши юриш қилганларида ҳам Ахетатон ўз қуллари тақдирини ўйламаган. Ахетатон вафотидан сўнг Амон руҳонийлари ундан ўч олдилар. Сарой аҳллари Фивага қайтадилар. Ахетатон пойтахти эса қаровсиз қолдирилади. Амон—Рэ ва бошқа худолар қайта тикланади. Аммо тахтга ўтирган Сменхер исмли ёш йигит Ахенатон йўлини давом эттира бошлайди. Бироқ кўп ўтмай у ҳам вафот этади. Меросхўр сифатида Миср фиръавни нмини Тутанхатон олади. Унинг ҳақиқий исми Тутанхамон қайта тикланади.
Ҳали 20 ёшга тўлмай туриб, Тутанхамон тўсатдан ўлади ва уни зудлик билан Шоҳлар водийсидаги кичик мақбарага дафн этадилар.
Тутанхамон ўйлаган қурилишларнинг бирортаси ҳам бевақт ўлим туфайли амалга ошмаган.
Агарда унинг Шоҳлар водийсидаги мақбараси бўлмаганда, у ўз авлодидан ҳеч нарса қолдирмаган бўлар эди.
Бутун оламга машҳур бўлган бу мақбара ҳақида бироз кейинроқ сўзлаймиз. Тутанхамондан кейин бошқа меросхўр бўлмаганлиги сабабли сарой амалдорларидан бири ёши улғайган Аи Миср фиръавни бўлади. Чунки бу амалпараст Тутанхамондан бева қолган Анхеснамонга уйланган эди.
18-сулоланинг охирига келиб (эрамиздан аввал 1555— 1350 йиллар) Миср яна илгаригидек оғир вазиятга тушиб қолади. Лекин бу гал у ўз империясининг катта қисмини йўқотади.
Шоҳлар водийсини текшириш. Шоҳлар водийсида ҳаммаси бўлиб 60 дан зиёд мақбара борлиги аниқланган. Уларнинг Тутанхамон қабридан ташқари ҳаммаси ўғирланган.
Одатда мақбара катта чуқурликда жойлашган бўлиб, унга олиб борадиган йўл юзлаб метрга чўзилган. Пастга караб қиялаб кетган ва борган сари чуқурлашган бу йўлдан яна ҳар томонга сохта йўллар ва хоналар тарқалган. Буни меъмор ўғриларни йўлдан уриш мақсадида қилган. Аммо меъморларнинг ажойиб тадбиркорликларига қарамасдан, ўғрилар ҳар доим ўз мақсадларига эришганлар. Эҳтимол катта ўғирликлар 21-сулолада давлат кучсизланиб, соқчилар сотилган вақтда юз бергандир. Бу жиноий ҳаракатлар ҳеч қандай қаршиликка учрамай узоқ вақтгача давом этган.
Фақатгина тасодифий равишда сақланиб қолган кичкинагина бир қабр ўғрилар эътиборидан ҳоли бўлган холос.
Ўғирланган мақбаралар ичида ўзининг архитектураси ва безаги жиҳатидан ажойиб таассурот қолдирадигани 19-сулоланинг иккинчи фиръавни, улуғ жангчи Сетхи I нинг қабридир. У тоққа яширилган бўлиб, 143 метр чуқурликда жойлашган. Мақбарага олиб борадиган йўл пастга қараб кетган зинадан бошланган. У бориб коридорга туташган. Унинг орқасида эса иккинчи зина бўлиб, у ҳам бориб коридорга айланган. Йўл шу ерга келиб тугаган. Коридорларнинг деворлари ҳар хил расмлар билан безатилган. Суратларда худолар, маъбудалар, ғалати маҳлуқлар, илонлар, йиртқич ҳайвонлар ва албатта, қуёш худоси Рэ тасвирланган (27-расм).
Мана Амон-Рэ ўзининг муқаддас қайиғида худовандалари билан Нил дарёси бўйлаб 12 ер ости мамлакатлари оралаб сузиб юрибди.
Иккинчи коридор тугаган жойда ёмғир сувлари тўплаш учун мўлжалланган катта қудуқ унинг орқасида эса девор бўлган. Кўринишидан мақбара битказилмай қолиб кетганга ўхшарди. Ҳа, ўғриларда худди шундай фикр уйғотиш мақсадида бу қурувчилар томонидан атайлаб ўйлаб топилган ҳийла эди.
Бироқ ўғрилар янглишмаганлар. Девор тешилган. Ичкарида тўрт устунли катта зал кўринган. Афтидан у гўрхонага ўхшарди. Лекин бу хона ҳақиқатдан ҳам битказилмаган. Суратлар билан безатилган деворлар ҳам охирига етказилмай қолиб кетган. Хуллас хона бўм-бўш эди. Ўғрилар гумонсирашда давом этганлар.
Девор бузилиб, йўл очилган ва ниҳоят тоғнинг остига қараб кетган яна бир зина топилган. Бу йўл борган сари чуқурлашиб, охири олти колоннали олти хонага (даҳлиз) бориб тақалган.
Даҳлиз фиръавннинг портретлари билан жиҳозланган. Унинг севган маъбудаси Гатор, мўмиёлаш худоси Анубис, Осирис ва Хорюслар олқишламоқдалар. Деворлардаги суратлар шундай тасвирланган. Яна ҳам ичкарида диний суратлар билан сирланган катта хонада оқ тошдан Сетхи I нинг мўмиёланган жасади ётган (28-расм).
Хонанинг баланд қилиб ишланган ажойиб гумбазсимон шипидаги сирли нақшлар ҳам моҳирона ижро этилган. Ҳақиқатдан ҳам бу хона олтин хона ёки гўрхона эди. Ҳозир эса бу хона бўш.
Бир вақтлар кўмилган фиръавннинг каравоти, таянма стули, кийимлар тўла сандиғи, уруш араваси ва бошқа буюмлар сақланган. Қўшни хоналар ҳам бўм-бўш.
XIX асрнинг бошларида италиялик саёҳатчи Жованни Белзони мақбарага кирганда, у чиройли, қордек оппоқ саркофагни кўрган. У ташқи томондан нозик ўйма ҳайкалсимон шакллар билан пардозланган эди.
Ҳозир бу саркофаг Лондондаги Соан музейидан жой олган.
Албатта қайд қилинган 60 та мақбаранинг ҳаммаси ҳам Сетхи I мақбарасидек санъат жиҳатидан гўзал ва нозик деб бўлмайди. Аммо 60 тадан 30 тасини айнан шундай дейиш мумкин. Шунингдек ўғриларнинг ҳаммалари осонликча  жазосиз кочиб кета олмаганлар.
21-сулолага тегишли папирус ёзувидан маълум бўлишича, Аменфер исмли бир кимса қилган ўғирликлари учун суд қилинган. Қизиғи шундаки, баъзи бир мақбаралар бир эмас, бир неча бор ўғирланган. Гап шундаки, дафн маросимларига дахлдор кашишлар мўмиёларни қайтадан боғлаб янги тобутларга солганлар, ўғирланган буюмларни эса алмаштирганлар ва яна мақбарага яширганлар.
Афсус ўғрилар яна ўша ерларда ҳозир бўлишган. Оқибатда қабристонни ўғрилардан ҳимоя қилишни ўз бўйниларига олган кашишлар қабр дахлсизлигини таъминлашдан воз кечганлар. Бу эса мурдаларни бир қабрдан иккинчи қабрга кўчириб қўпишга сабаб бўлган.
Шунга кўра 30 га яқин фиръавнларнинг жасадлари қайтадан боғланиб, Аменофис II мақбарасига келтириб қўйилган.
Шунингдек Менептаха, Тутмос IV, Аменофис III мақбараларида ҳам Аменофис II га қадар фиръавнлик қилган  шоҳларнинг  мўмиёларн борлиги  аниқланган.
Демак мақбарага энди унинг ҳақиқий эгаси билан бир қаторда унга меросхўрлар ва ўтмишдошлар ҳам шерик бўлишган. 30 га яқин бошқа ҳукмдорларнинг мўмиёлари эса қояларнинг нариги томонига кўчирилиб, вертикал коридорга туширилган ва у ерда лаҳатларга қўйилган. Ҳақиқатда ҳам бу ҳилватгоҳлар ўғрилардан сақлаш учун ишончлироқ жой бўлиб хизмат қилган.
Аммо бу сирни диндорлар ўзлари билан олиб кетганлар. Мана қарийб 3000 йил мобайнида фиръавнларнинг тинчлигнни ҳеч ким бузмаган.
1880 йилда бир гуруҳ археологлар яна ташвишлана бошладилар. Чунки, орадан кўп ўтмай мақбаралардаги айрим буюмлар бозорда пайдо бўла бошлади. Ана шундай қимматбаҳо буюмлардан бири «уреус» эди. У авлиё кобранинг тасвири бўлиб, доимо фиръавннинг бош кийимини безаб келган. Лекин фиръавнлар ундан безак сифатида эмас, балки подшолик рамзи сифатида фойдаланганлар.
Сирли йўл ҳақиқатда эса қандайдир киши оиласига маълум бўлган. Бу оила мақбаралардан мунтазам равишда қимматбаҳо буюмларни олиб бозорларда сотиб турган. Шубҳа остига олинган кишининг икки акасидан бири ўз айбини бўйнига олган. Хуллас, улар Қоҳира музейи ходимини ўша вертикал коридорга олиб боришган. Мақбаралардаги мўмиёларнинг барчаси музейга олиб келинган ва улардан ўралган боғлиқлар ечилган. Марҳумларнинг жасадлари шу даражада сақланганки, башараларига қараб уларнинг кимлигини осонгина билиш мумкин эди.
Ҳозир улуғ жангчи шоҳ Сетхи I шшг юзига қараб унда кучли хислат борлигидан ҳайратга тушасан ва қанчалик ажойиб инсон бўлганлигини осонгина пайқайсан киши.

ТУТАНХАМОН ХАЗИНАСИ

1893 йил Франция археологи Лорет Аменофис II мақбарасини топган ва унинг атрофида яна 13 та бошқа жасадлар бўлганлигини аниқлаган.
Энг фантастик кашфиёт малакали мисршунос олим Картер ва унинг бой ҳомийси Лорд Карнавонлар томонидан 1922 йилда содир бўлган. 1903 йилдан бошлаб кейинги бир неча йиллар давомида америкалик сайёҳ Теодор Девис Шоҳлар водийсида қўл тегмаган бирорта мақбара топиш умидида тинмасдан қидирув ишлари олиб борган, лекин натижа бўлмаган.
1914 йилда у текшириш ишларини тугади деб ҳисоблаб, ижарага олган  Водийни Картер билан Карнавонга топширади.
Улар қарийб 9 йил изланишда бўладилар. Бу давр ичида бир неча юз тонна қум ва тошларни жойдан-жойга сурадилар. Текширилмаган ҳеч бир нарса қолмайди. Ҳатто кичкинагина тешик ҳам улар эътиборини четлаб ўтмаиди. Аммо натижа йўқ эди. Охири улар ҳам умидларини уза бошлайдилар. Тоқати тоқ бўлган Карнавон 1922 йилда ишларни давом эттиришдан воз кечганлигини маълум қилади. Аммо Картер ҳеч бўлмаса яна бир-икки ой ишларни давом эттиришни ундан ўтиниб сўрайди. Чунки Картер нима учундир бир кичкинагина учбурчак шаклидаги тешикка эътибор берган эди.
Туристларнинг Рамзес VI мақбарасига ўтадиган йўлини тўсмаслик мақсадида бу ерда ҳеч ким қазиш ишларини олиб бормаган эди. Шунинг учун ҳам Картер: «Мана шу бўшлиқ текширилмас экан, барча чоралар кўрилди деб бўлмайди», деган хулосага келади.
Карнавон рози бўлади. Картер эса яна Мисрга қанйади ва ўша учбурчак бўшлиқни тозалашга киришади.
Бир неча кундан кейин у ҳаяжон билан қояни ичкарисига кириб кетган зинани кўриб қолади. Зина бўйлаб пастга тушади. Унинг кўз олдида мутлақо шикастланмаган девор пайдо бўлади. Картер девор олдида бир дақиқа сукут сақлайди. Деворда эса Тутанхамондан далолат берувчи шоҳ муҳри бор эди. Картер шу заҳотиёқ хўжайинига қўнғироқ қилади. Карнавон зудлик билан Мисрга етиб келади. Улар деворни бузиб кирадилар. Бу ерда қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилган тор йўлак, унда яна бир шоҳ муҳри билан белгиланган девор бор эди. Ҳал қилувчи дамлар бошланди. Карнавон ва бир нечта кишилар коридорда сабрсизлик билап кутиб турадилар, бу вақтда Картер деворнинг юқорисида кичик тешик очади. Кўрадики девор орқаси бўшлиқ. У электр чироғини ўша томонга йўналтиради. Картер бир неча дақиқа қотиб қолади.
«Сиз бирон нарса кўряпсизми?», деб сўрайди Карнавон.
«Ҳа, — деб жавоб беради Картер. — Ажойиб нарсалар, худди эртаклардагидек».
Бу тарих ҳақида ўз вақтида ва ундан кейин ҳам жуда кўп гапирилганди, чунки у такрор ва такрор гапиришга арзийдиган тарихдир.
Картер  топган хона  аслида хазина билан тўлдирилган даҳлиз эди. Унда иккита эшик бўлиб, бири омборхона, иккинчиси гўрхона билан боғланган.
Бу ердаги мўъжизалардан бири шоҳнинг тилла пластинка билан копланган тахтидир. Дарҳақиқат у ажойиб таассурот туғдиради. Тилла пластинка тахтга суянчиқ сифатида ишланган бўлиб, унда шоҳ ва малика кўринишича, боғда тасвирланган. Ёш ҳукмдор тахтда ўтирибди. Малика Анхеснамон эса унинг елкасига мой суркамоқда. Шакл ва безаклар пластинкага Ляпис-лазурь ва сердолик каби қимматбаҳо тошлардан инкрустация қилиш йўли бнлан ишланган. Бу астойдил изланган гўзал рельефлардан биридир.
Кароватлар, курсилар ва креслолар билан бирга шоҳнинг қутилари, сандиғи ва бошқа кундалик буюмлари, ҳатто Тутанхамон ёшлигида тутган эбен дарахти ва фил суягидан ишланган кичик стул ҳам ана шу хонадан жой олган (30-31-расмлар).
Бу нарсаларнинг ҳаммаси тартибсиз равишда бир тўда қилиб уйиб ташланган. Афтидан бу кичик мақбарага мебель шошилинч равишда қўйилган бўлса керак. Мақбарани ўғирлашга бир марта ҳаракат ҳам қилинган.
Далил тариқасида айтиб ўтиш мумкинки, тахтнинг олтин оёқлари узиб олинган бўлиб, улар бир парча газмолга ўраб қўйилган ҳолда топилган.
Кўриниб турибдики, ўғрилар буюмларни олиб чиқиб кетишга улгурмаганлар. Уларга кимдир ҳалақит берган. Эҳтимол ўғрилар ўз жиноятларини амалга ошираётган пайтларида қўлга тушганлар. Хуллас, 1923 йилда йўлак буюмлардан бўшатилиб, шоҳ муҳри босилган иккинчи девор бузилганда, унинг орқасида худо ва маъбудалар шакллари  билан  безатилган  олтин лавҳа  топилган.
Аслида эса у тўғри бурчакли катта ҳажмдаги ёғочдан ишланган ва сирти соф тилладан инкрустация қилинган бутхона бўлиб, у бир томони 5,5 метр, иккинчи томони 3,5 метрга тенг келадиган дафн хонасини буткул эгаллаб турган.
Картер бутхона эшигини очганда, унга таниш бўлган ўша шоҳлик тамғаси бўлган, ўша соф олтин билан қопланган лекин бошқа бутхонага дуч келган.
Маълум бўлишича, бу ерда бир-бирининг ичига мослаштирилган тўртта бутхона бўлиб археологларнинг билишича, шоҳ уларнинг энг охиргисининг тубидан жой олиши лозим бўлган.
Дарҳақиқат Картернинг ўта профессионал моҳирлиги талаб этгандек, бутхоналар қисмларга ажратиб олинганда у ерда гўрхона борлиги маълум бўлган. Гўрхонада бир-бирининг устига қўйилган учта саркофаг сақланган. Уларнинг дастлабки иккитаси олтин, рангли паста ва қимматбаҳо тошлар билан нақшланган. Мўмиё сақланган учинчи саркофаг соф олтиндан қилинган ва уни ердан қўзғатиш учун камида тўрт киши керак бўлган.
Гўрхона орқасида учинчи хона жойлашган. У ҳам бошқалари каби ҳар хил ажойиб буюмлар: қути ва кийим солинган сандиқ ҳамда чиябўри — худо Анубиснинг тилла суви билан қопланган ялтироқ шакли, қайиқда қўлига узун арқонга боғланган найза ушлаб турган шоҳнинг тасвири, икки ғилдиракли жанг араваларининг бўлаклари ва бошқа нарсалар билан тўлдирилган.
Мақбаралар бўйича катта мутахассис Алан Гардинернинг ҳикоя қилишича, Картер ўша учинчи хонадаги қутини очганда, унинг ичида патли елпиғич бўлган. «Унинг парлари — деган эди у, — шунчалик гўзал ва кишини эсанкиратадиган даражада  нафис ва  кўркам  эдики, гўё улар   ҳозиргина   туяқуш   қанотидан   юлиб олингандек, шоҳ ҳам эрамиздан уч минг йил аввал эмас, балки яқинда дафн этилгандек туюларди. Улар менда кутилмаганда кучли таассурот қолдирди. Бундай ҳолатни мен ҳеч қачон   бошимдан  кечирмаган  эдим  ва   бундан  кейин   ҳам кечирмасам   керак»    (33-расм).   Энди   биз   буюк   жангчи фиръавнлар Сети I ва Рамзес II ларнинг мақбараларида, агар улар ўғирланмагапнда,  шубҳасиз  қандай бойликлар мавжуд бўлганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Нима учун Тутанхамон қабри ўғирланмай қолган, деган саволга баъзилар уни ўғрилар тополмаганлар деган фикрни сабаб қилиб кўрсатдилар. Бу ҳақиқатдан йироқдир. Қабрнинг ўғирланмай қолганлиги уни ўғрилар тополмаганлигида эмас аксинча, Тутанхамоннинг бедарак шахслиги мақбарани ўғрилардан сақлаб қолган.
Ахенатон билан қариндош тутинган Тутанхамон тез орада унутилган. Уни зудлик билан кичик, кўримсиз мақбарага дафн этганлар.
Кейинчалик Рамзес II мақбарасини очиш пайтида ҳосил бўлган тупроқ Тутанхамон қабрига кирадиган йўлни беркитиб қўйган.
Агарда мақбэра 1922 йил археолог Картер томонидан тасодифан топилмаганда, у биз учун ҳанузгача ечилмаган бир сир бўлиб қолар эди.
Хулоса  қилиб   айтганда,  қабрдаги  нарсалар  бир-бирларидан ашёларининг бойлиги ва хилма-хиллиги, бажариш техникасининг мукаммаллиги, беқиёс чиройи ва безаги билан ажралиб туради ҳамда 18-сулола давридаги ҳунармандчилик санъатининг юқори даражада ривожланганлигидан далолат беради.
Ҳозирги кунгача Тутанхамоннинг мўмиёланган жасади, ўз қабридаги саркофагда сақланмоқда. Қолганлари қимматбаҳо нарслар билан бирга, Қоҳира музейига қўйилган.
Шоҳлар водийсидаги мақбараларни кўздан кечирар эканмиз, уларда қадимги Миср ҳаётини кўрсатувчи лавҳалар ҳам талайгина. Бу лавҳалар асосан қояларнинг шарқий қисмидан топилган аслзода кишиларнинг мақбараларида мавжуддир.
Маълумки, ўлган кишиларнинг таналари қўйилган гўрхоналар катта чуқурликда жойлашган. Уларнинг устида эса зиёратхоналар бўлган. Қадимги мисрликлар ҳаётини кўрсатувчи суратли лавҳалар ана шу зиёратхоналар деворида тасвирланган.
Мана Нэбамон мақбараси. Деворга ишланган суратлардан бирида қандайдир аслзода папирусдан ишланган қайиқда хотини ва қизи билан ов қилаётгани кўрсатилган. У қайиқда тик турган ҳолда қўлида найза билан ёввойи ҳайвонларни овламоқда. Хотини эса чўққаниб ўтирган ҳолда эрини йиқилиб кетмаслиги учун оёқларидан маҳкам ушлаб турибди.
Бошқа кўринишда шоҳлар водийсида худолар ва марҳумларга бағишланиб уюштирилган дабдабали байрам акс эттирилган. Қабул маросимларининг мухлислари, мисрлик зодагонлар меҳмонлар билан бирга кичик курси атрофида олдиларига қўйилган илвасин, балиқ ва ҳар хил ширинликлардан тотиб ўтиришибди. Шу билан бирга уларга қизиқарли томоша ҳам кўрсатиляпти. Одатда аёллардан тузилган созандалар куй ижро этмоқдалар. Ёш раққосалар эса рақсга тушмоқдалар. Суратда кўрсатилтан икки ўйинчининг бадан ҳаракатидаги уйғунликнинг камолот даражасига кўтарилганлиги, рассомнинг моҳирлигидан далолат бериб турибди.
Икки созанданинг юзи олд томонга қаратилган. Киши юзини олд томондан кўрсатиш бутун Миср рассомчилик санъатидаги одатдан ташқари ҳолдир Маросимда ўтирганларга хизматкорлар май тутаётганларини ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, Мисрликлар майни жуда қадрлаганлар.
Масалан,  бир  аёл  портретида  худди., ҳозирги  замон ҳазил расмларида бўлганидек қуйидаги ёзув битилган: «Менинг қорним очликдан сомондек қуруқ бўлса ҳам, ичиб маст бўлгим келади».
Булардан ташқари, оддий инсон ҳаётига бағишланган қатор лавҳаларни ҳам кўришимиз мумкин. Мана деҳқон меҳнат даласида ер ҳайдаётгани, ҳосилни йиғиштираётгани, молни бошқараётгани ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланаётгани (36-расм) жонли ифода этилган.
Тутмос VI ва Фивалик ер ўлчовчи Мена мақбараларидаги деворларга ишланган суратлар ҳам ҳаётийлнги билан киши фикрини ўзига жалб этади.
Тутмос III нинг вазири Рехмир қабрида эса қандайдир завод тасвирланган бўлиб, унда ишчилар таянма курси, тахт, бутхона ва бошқа нарсалар тайёрлаётганлари акс эттирилган. Айнан шу нарсалар Тутанхамон мақбарасидан топилган эди. Яна бошқа бир қатор суратларда Амон-Рэ ибодатхонаси учун бронзадан улкан эшикларни қуйиб ясаш жараёни кўрсатилган. Унда ишчилар ўчоқни ёқиш учун нафасларини ҳаракатга келтираётганликлари тасвирланган. Юқорида кишилар эритиш қошиқларида эритилган метални оташкурак ёрдамида катта тўртбурчак шаклга қуймоқдалар. Ундан наридаги бошқа суратда Рехмир — энди у Миср фиръавни сифатида атрофни ўраб олган ҳомийлари билан адолат судида раислик қилмоқда.
Юқорида баён этилган фикрларга якун ясаб шуни айтиш мумкинки, янги подшолик даврида Миср давлати ва унинг меъморчилик санъати ўзининг энг юксак камолот чўққисига кўтарилди. Ана шу чўққидан эса ривожланган қўшни давлатлар таъсири остида анъанавий маданиятнинг парчаланаётгани сезилиб турарди.

СЎНГГИ ПОДШОЛИК ДАВРИ МЕЪМОРЧИЛИГИ

20-сулолага келиб Миср тарихида тушкунлик даври бошланди. Аммо 19-сулола фиръавнлари (эрамиздан аввал 1350—1200 йиллар), унинг асосчиси Хоремхеб ҳаммасидан энг улуғи Сетхи I ва унинг ўғли Рамзес II лар Миср ҳукмдорлигини қисман бўлсада сақлаб турдилар. Охиргиси хеттларга қарши ишончсиз уруш қилди. Ўз ғалабаларига аталган ёдгорликларни кўплаб қурдирди. Хоремхеб бошлаган ва Сетхи I давом эттирган Карнакдаги ибодатхонани Рамзес II кенгайтириб, у ерда ўзига бағишлаб улкан барельеф яратди. Унда фиръавн ўз аравасида   туриб   чекинаётган  душманга  қарши  камондан ўқ узиб жанг қилаётгани жонли тасвирланган. У ўз қасрини анъанавий ерда, Нилнинг Карнакка қарама-қарши қирғоғида қурдирди. Гарчи бу ишларнинг ҳаммаси Рамзес II нинг жонига теккан бўлса ҳам, Карнакдаги Амон худосига бағишланган гипостиль хона улуғликда ягона эди. Хонанинг эни 103 метр, ичи эса 52 метрдан иборат бўлиб, унинг умумий майдони 5.000 кв.м ни ташкил этган. Хона томини ҳар бир қаторида 10 тадан 16 қатор устун, ҳаммаси бўлиб 134 та устун ушлаб туради. Гипостиль хонанинг марказий қисми (неф) қаторида 6 тадан 2 қатор устунлар билан алоҳида ажратилган. Бу устунларнинг диаметрлари 3,4 метрга тенг, баландлиги эса — 20,4 метр. Кишиларни ҳаяжонга солувчи бу устунлариинг улканлиги шу даражадаки, уларнинг қаршисида инсон ниҳоятда кичик кўринарди. Марказдаги устунларнинг капителлари папируснинг очилган гуллари кўринишида бўлиб, ён томондагиларнииг капителлари эса ҳали очилишга улгурмаган ғунчани эслатади. Барча ён қанотлардаги устунларнинг баландлиги 16 метрга тенг. Бутун гипостиль хонага қатор қилиб терилган устунларнинг оралиқлари бир-бирларига параллел йўллардан иборат. Лекин устунларнинг кўплигидан бу йўлларни бир зумда пайқаш қийин, чунки бири иккинчисини тўсиб турувчи устунлар қатори бирлашиб, бамисоли яхлит ўрмонни шакллантиради. Гипостиль хонадаги марказий нефнинг энг ичкарисида сиғиниш хонасига олиб кирадиган эшик бўлган (40-расм).
Ибодатхона бошидан охиригача, яъни Пилонга олиб борувчи «сфинкс»лар хиёбонидан то сиғиниш жойининг марказий дарвозасигача тўла симметрия асосида қурилган: бинонинг ўнг томонидаги қисмлари унинг чап томонидаги қисмларига тамомила мос бўлиб, ҳаммаси асосий ҳаракат ўқига бўйсундирилган. Ибодатхона архитектурасида ёруғлик катта роль ўйнаган.
Куёш нури билан ёритилган очиқ ҳовлидан ярим қоронғи гипостиль хона орқали ўтиб, киши муқаддас жойлашган яна ҳам қоронғироқ хонага ва ниҳоят, худонинг ҳайкали турган бутунлай қоронғи сиғиниш жойига дуч келади. Худди шу тартибда ибодатхонанинг баландлиги ҳам сиғиниш жойига томон пасайиб боради. Айнан шундай архитектура ечими ижтимоий иерархияга мос бўлиб, унга диний маросимлар вақтида қаттиқ амал қилинган. Асосий оммага фақат ҳовлига киришга рухсат этилган.  Гипостиль залга ҳукмрон синф вакиллари киритилган. Сиғиниш жойига эса фиръавн билан бош руҳонийдан бошқа ҳеч қайси бир зот ботина олмаган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, гипостиль хонани эстетик безашга катта ўрин берилган. Хона деворлари ҳамда устунларнинг ҳаммаси рангли рельефлар билан қопланган. Рельефларнинг умумий майдони 24,280 кв.м. га тенг бўлган.
Сиртга ўйиш ва бўрттириш йўли билан ишланган рельефларда асосан Сетхи I ва Рамзес II ларнинг жангларда кўрсатган қаҳрамонликлари тасвирланади.
Жанг манзараларини рельефларда ифода этиш биринчи намуна сифатида Сетхи I нинг Сурияга қилган юриши гипостиль хонанинг шимолий деворларига ишланган. Бу йўналиш Рамзес II ва унинг издошлари даврида кенг ривожлантирилган. Кўряпмизки, ҳақиқатан ҳам 19-сулола фиръавнлари вақтида ибодатхона буюк аҳамият кашф этди. Миср фиръавнлари Карнакдаги Амон ибодатхонаси руҳонийларини ўзларининг таянчлари деб билиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлар. Сафарлардан ғалаба билан қайтган фиръавнлар қўлга киритган ўлжаларнинг кўп қисминн: асирлар, олтин ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни ибодатхона учун ҳадя қилганлар. Хатшепсутдан сўнг давлатни бошқарган барча фиръавнлар Амон ибодатхонасини безашни ўзларининг бурчлари деб ҳисоблаганлар. Шунга кўра, кимдир пилон, кимдир қатор-қатор устунлар ва қўшимча хоналар қўшиш билан ўзини Амон-Рэ худосига боғлаган. Ва бу ишларни амалга оширган ҳар бир меъмор олдингисидан ўзишга ҳаракат қилган. Аммо ибодатхона қурувчилар қайси усулга мурожаат қилмасинлар, барибир унинг асосида ҳар доим асрлар бўйи ҳар томонлама маромига етказилган режа ётган. 19-сулола даврида катта қурилишлар Луксорда ҳам олиб борилди. Аменхотиб III бошлаган ибодатхона қурилиши ўз даврида битказилмай қолган эди.
Шундай кўринишда ҳам бу ёдгорлик ғоясининг буюклиги, режасининг аниқлиги, устунларнинг улуғвор ва гўзаллиги билан кишини ҳаяжонлантирадиган даражада бўлган. Эрамиздан аввал XIX асрнинг иккинчи ярмида Рамзес II ибодатхонага атрофи устунли равоқлардан иборат бўлган ҳовли қурдирди. Аммо ҳовли одатдагидек Аменхотиб III қурдирган ибодатхонанинг ўқида эмас, балки унга нисбатан бурчак остида жойлашди. Бунинг асосий  сабаби,  фикримизча,   бино  Нил  қирғоғига  яқин келиб қолганлигидан бўлса керак. Шунинг учун ҳам унинг режаси ромб шаклида ишланган.
Миср пойтахти Фивада биргина Амон-Рэ эмас, балки унинг ердаги фарзанди фиръавн ҳам улуғланган ва унга атаб зиёратгоҳлар тикланган. Шунга кўра Нилнинг Карнакка қарама-қарши қирғоғида Фиванинг ғарбидаги анъанавий жойда Рамзес III нинг шарафига зиёратгоҳ қурилди.
У Аменхотиб II билан Тутмос III ларнинг зиёратгоҳлари оралиғидан жой олди. Ўз даврида «Мернамон-Рамзеснинг минг йиллик уйи Амон мулки» деб аталган бу зиёратгоҳ ҳозир Рамассум номи билан бизга танишдир. Бу ёдгорлик меъмор Пенра лойиҳаси асосида яратилган.
Бино шарқдан ғарбга йўпалтирилган бўлиб, унга кириш шарқ томондаги катта пилондан бошланади. Пилон остида эса ҳовли жойлашган. Ҳовлининг жанубий деворига тўртбурчакли устунлар ўрнаштирилган. Уларга худо Осирис кўринишида фиръавннинг ҳайкаллари суяб қўйилган. Ҳовлининг қарама-қарши, шимолий томонига эса шоҳ саройининг олди томони қаратилган. У устунлари икки қатор қилиб терилган пешайвондан иборат. Ҳовлннинг ғарбдаги девори иккинчи ҳовли учун пилон бўлиб хизмат қилган. Иккинчи ҳовли биринчига қараганда баландроқ жойлашганлиги туфайли унга пилондан зина орқали ўтилган. Зинанинг икки ёнида эса Рамзес II нинг 20 метрли чўққайиб ўтирган ҳайкали бор. Ҳовлининг шимолий ҳам жанубий томонларида икки қатор силлиқ устунлардан иборат равоқлар тизилган. Шарқий ва ғарбий томонлари эса тўғри бурчакли устунсимон Осирис ҳайкаллари билан тўлдирилган. Кўрамизки, Миср санъатига хос бўлган меъморчилик билан ҳайкалтарошликдаги ўзаро муносабат бу ерда ҳайкалтарошликни меъморчиликка буткул бўйсундириш билан ҳал этилган. Чунки умумлаштирилган яхлит ҳайкаллар биринчи галда ҳайкалтарошлик санъати сифатида эмас, балки кўпроқ меъморчилик устунлари  сифатида  қабул  қилинади.
Иккинчи ҳовли орқасида одатдагидек устунлар билан тўлдирилган гипостиль зал ва ундап кейин эса сиғиниш хонаси жойлашган.
Биринчи ҳовлининг шимолий томонида фиръавн учун сарой қурилган. У даҳлиз, 16 устунли қабул зали, шоҳнинг шахсий оромгоҳи ва тўрт устунли тахт залидан иборат. Саройнинг орқасида канизаклар учун алоҳида харам тикланган.
Хулоса қилиб айтганда, Рамассумадаги асосий хусусият шундан иборатки, унда зиёратгоҳ, сарой, яшаш уйлари, отхона, омборлар ва бошқа хоналар яхлит комплексга бирлаштирилган ва ана шу гуруҳнинг ҳаммаси умумий девор билан ўраб олинган. Ундан ташқари Рамассуем меъморчилигида массанинг миқдорига қараб кучайиб боришидаги илгари кўзга ташланган ғоя энди бу ерда барқарорлашган. Кейинчалик, у Миср меъморчилигининг характерли хусусиятларидан бирига айланган. Дарҳақиқат, Рамзес II ўз даврида катта қурилишларни амалга оширди. Аммо айтганимиздек, бу ишлар уни кўп толиқтирди. Меъморчиликдаги бир хиллик унинг жонига тегди. Бунинг устига худди шу вақтда ташқи давлатлар Мисрга қарши хуруж қила бошладилар. Эгейлиларнинг ғарбий осиёликлар билан бирга Мисрни босиб олиш учун қилган уринишларини энди 20-сулоланинг биринчи фиръавнларидан Рамзес III қайтаришга эришди. Лекин у энг охирги улуғ жангчи-фиръавн эди. Рамзес III даврида ҳам меъморчилик санъати кенг қулоч ёйди.
Дастлаб у ой худоси Хонсу, унинг отаси қуёш худоси Амон ва фиръавннинг ўзи учун «Хеб-Сед»лардан иборат учта ибодатхона қурдирди.
Хонсу ибодатхонаси Янги подшолик даврига хос бўлиб, унда шу вақтдаги меъморчиликнинг барча асосий эстетик ақидалари  аниқ ва равшан кўринади.
Анъанага кўра, ибодатхона пештоқига бошлари қўчқор, таналари шер кўринишида бўлган сфинкслар хиёбони олиб боради. Шер подшоҳликнинг кучи ва улуғлигини билдиради, қўчқор эса Амон худосининг муқаддас ҳайвони ҳисобланган.
Хонуси ибодатхонаси унча катта эмас, лекин унинг архитектураси янги подшолик даврида яратилган Миср ибодатхонасининг классик типига яқиндир. У чўзиқ тўғри тўртбурчак шаклга эга. Худонинг даргоҳига келувчилар сфинкслар хиёбонидан ўтиб, биринчи тўсиқ пилонга дуч келганлар. Бу ерда кишилар бироз тўхтаб, пилон сиртига ўйиб ишланган тасвирларни томоша қилганлар. Кейин тор эшик орқали улар томонлари пешайвонлар билан ўралган катта очиқ ҳовлига ўтганлар. Ҳовли қуёш нурига тўлганлигидан байрамона кўринган (44-расм).
Ҳовлининг пилонга қарама-қарши томонидаги равоқлар орқали кишилар кўп устунли катта гипостиль залга ўтганлар. У ярим қоронғиликка чўмгандек туюлади. Чунки ёруглик залга фақат марказий нефлардаги устунларнинг тепасига — шипга жуда яқин ўрнатилган дераза ва панжаралар орқали тушган. Марказий неф четдагиларга нисбатан ҳам кенг, ҳам баланд бўлган. Ибодатхонанинг асосий ўқи ҳам ана шу ердан ўтган. Гипостиль зали ажойиботларидан яна бири шундаки, ундаги устунлар аслида оғир том тўсинларини кўтариб туради. Тўсинлар катта баландликдаги устунларнинг очилиб турган гул шаклидаги капителлари устига жойлашган. Лекин улар киши кўзига кўринмаслиги туфайли шип худди ҳавода парвоз қилаётгандек туюлади. Кўк рангга бўялган ва юлдузлар билан қопланган шип кечаси чарақлаб турган юлдузли осмонни, устунлар эса бутазордаги ўсимликларни эслатади.
Барча ибодатхоналарда бўлгани каби бу ерда ҳам бир нечта хоналарни ўз ичига олган сиғиниш уйи гипостиль залнинг композицияли ўқига туташган. Умуман янги подшоликдаги диний иншоотлар архитектураси уни ташқаридан томошабин бўлиб кузатишгагина эмас, балки ҳар томонлама кишига таъсир кўрсатишга мўлжаллаб қурилган (42-расм).
Шунинг учун ҳам композицияни яратишда симметрияга интилиш, қурилмани бир ўққа жойлаштириш, асосий мақсад томон — сиғиниш жойига борган сари кишида ҳиссиёт таъсирини кучайтириш ижодкорлардан улкан маҳорат талаб этган. Хонсу ибодатхонасида ҳам ана шу хислатлар аниқ намоён бўлган. Рамзес III ўзининг Хеб-Сед ибодатхонасини ҳам Карнакда қурдирди. Бино қонун талабига биноан кам хоналардан ташкил топган. Бу ердаги гипостиль зал фақат 8 та устунга эга бўлган. Улар 2 қатор қилиб жойлаштирилган. Бу залга бевосита учта топиниш хоналари қаратилган. Хоналар Фиванинг учлик худоси Амон, унинг хотини Мут ва уларнинг ўғли Хонсуларга бағишланган.
Хеб-Сед ҳам Хонсу билан баробар яиги подшоликнинг энг анъанавий ишноотларидан ҳисобланган.
Рамзес III нинг Карнакда учинчи, Амонга бағишлаб Қурдирган биноси ҳам бўлган. Аммо у қаттиқ шикастланиб, вайронага айланган.
Янги подшоликнинг сўнггида, яъни эрамиздан аввал XII асрда, Рамзес III Рамассумадан унча узоқ бўлмаган ерда, ҳозирги Мединет — Абу деган жойда ажойиб зиёратгоҳ яратди. Унда Миср меъморчилигидаги стилистик хусусиятлар янада ёрқинроқ намоён бўлган.
Мединет—Абудаги комплекс икки давр ичида қурилган.
Олдин тўғри бурчакли майдонда атрофи қалъа девор билан ўраб олинган ибодатхона тикланган.
Қалин ва баҳайбат кириш пилонидан ҳовлига (34 х 42 м) ўтилган. Ҳовлининг шимол томонини 8 устунли равоқ эгаллаган. Унинг жанубидаги равоқ эса фиръавн саройининг олд томони бўлиб хизмат қилган. Устунли равоқ орқасидаги деворда учта саройга олиб борувчи эшик ва дераза бўлган. Ховлига киришда дарвозанинг қарама-қарши томонида иккинчи пилон юксалиб турган ва у орқали кейинги ҳовлига ўтилган. Бу ҳовлининг тўрттала томони устунли пешайвонлар билан ўраб олинган. Ғарбий пешайвоннинг ичи кенг бўлганлиги учун унинг томини икки қатор устунлар ушлаб туради.
Биринчи қатордаги устунлар ўрнида Рамзес III нинг Осирис қиёфасидаги улкан ҳайкаллари хизмат қилади. Иккинчи ҳовли орқасида ҳар бир қаторида 6 тадан 24 та устунли гипостиль зал жойлашган. Бу катта гипостиль залнинг орқасида яна иккита устунли кичик заллар бўлиб, уларга сиғиниш хонаси туташтирилган. Ибодатхона жойлашган бутун майдон девор билан ўраб олинган. Деворнинг жануб, шарқ ва ғарб томонларида кўплаб хўжалик хоналари мавжуд.
Биринчи ҳовлининг жанубида узунасига жойлашган саройнинг деворларига фиръавннинг рельефи тасвирлари ўйилган. Рельефларда фиръавннинг душманга зарба бераётгани, ўз яқинларини қабул қилиб, уларга мукофотлар улашаётгани акс эттирилган. Саройнинг бутун олд томонини бошдан оёқ қоплаб турган рангли рельефлар шоҳнинг жанглардаги қаҳрамонликларидан ҳикоя қилади. Мединет-Абу комплекси Рамассумни эслатади. Аммо ундаги айрим қисмларнинг мутаносиблиги янада оғирроқ, деворлари эса жуда ҳам зил бўлган.
Бу ерда бинонинг қалъалик хусусияти кучлироқ кўзга ташланади.
Рамзес III подшолик қилган даврнинг сўнггида мамлакат ичида тез-тез бўлиб турган қўзғолонлар, ташқи душманларни мамлакатга хавф солиши, фиръавнни комплекс ташқарисида иккинчи қальа деворини қуришга мажбур этган. Бу девор биринчисидан 12 метр нарида тикланган. Деворнинг баландлиги 18,5 м, қалинлиги эса 10,5 м дан иборат бўлган.
Деворнинг шарқий ва ғарбий томонларида кириш дарвозалари бор. Дарвозаларнинг ён томонлари ғиштдан мезана шаклида ишланган. Мезаналарнннг деворларига рельефлар ўйилган. Улар Рамзеснинг ҳарбий қаҳрамонликларини олқишлайди. Дарвозалар олдида эса фиръавннинг улуғвор ҳайкаллари қўйилган.
Мединет—Абудаги ибодатхона ва саройда кейинги даврларда қайта қурилишлар олиб борилмаганлиги туфайли комплекс яхши сақланган ва унда меъморнииг ғояси, асосий фикри яққол кўзга ташланган. Бу Миср давлатининг энг олий кучга эга бўлган давридаги улкан ёдгорлик эди.
Аммо миноралар, баҳайбат пилонлар ва қалин мудофаа деворлари тез орада синовга дучор бўлган. Эрамиздан аввал 2 мингинчи йилнинг охирига келиб, Мисрдан шимол томонда жойлашган Хет подшолиги мамлакатга чинакамига таҳдид солган.
Шубҳасиз, ана шу хавф-хатарга қарши бу қалъа-ибодатхона Нилнинг ғарбий қирғоғида Мединат—Абуда қурилган эди.
Янги подшоликнинг сўнггида (эрамиздан аввал XII аср) қурилиш ишлари фақат Мисрдагина эмас, балки унинг ташқарисида Мисрга тобе бўлган Нубияда ҳам олиб борилди.
Абу Симбелдаги қояга ўйиб ишланган Рамзес III ибодатхонаси янги подшоликнинг сўнгги давридаги энг йирик қурилишлардандир. Унинг киравериш томонига қоядан катта терапециясимон пилон кўриниши йўниб ишланган. Пилон олдида ўтирган ҳолда тасвирланган тўртта 20 метрли Рамзес III нинг ҳайкаллари ҳам қоя тошни йўниш ҳисобига яратилган. Шарққа қаратилган пилоннинг баландлиги 33 метр, эни эса 38 метрдан иборат бўлиб, унинг тепаси павиан (ит бошли маймун)ларни тасвирловчи ҳайкаллар билан безатилган. Ибодатхонанинг ички қисми янги подшолик даври меъморчилиги принциплари асосида бажарилган. Қурилманинг ички қисми устунли хона билан бошланиб, у ерга фиръавн ҳайкаллари ўрнатилган. Сўнг яна уч нефли устунли зал орқали ибодатхонага ўтилган. 60 метр ичкарида жойлашган бу сўнгги хонада худоларнинг ҳайкаллари билан бир қаторда Рамзес III нинг ҳайкали ҳам бўлган.
1967 йилда Асуан сув омборининг қурилиши муносабати билан ноёб ёдгорликни сув босиш хавфи туғилди. Уни зудлик билан қутқариш керак эди. Қандай қилиб? Бутун дунё археологлари собиқ Совет Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа давлатлардан Мисрга тўпланишди. Улар сув тошиши мумкин бўлган ерларни синчиклаб текшириб чиқдилар. Натижада, ёдгорликлар жойлашган қояни кесиш, уларни бўлакларга бўлиб, бошқа жойга кўчириш керак деган хулосага келинди. Қадимги архитектура ёдгорлигини қутқариш ишида муҳандислар, меъморлар, рассом ва ҳайкалтарошлар қатнашдилар. Шундай қилиб, Абу Симбелдаги Рамзес III ибодатхонаси 1036 бўлакка бўлиниб, уч ярим йил мобайнида секин-аста 70 метр баландликка кўчирилди. Бундан улкан қоядаги ибодатхоналарни бир ердан иккинчи ерга кўчириш ҳақиқий мўъжиза эди, чунки тарих бундай воқеаларни ҳали кўрмаган. Рамзес III янги подшоликнинг охирги буюк фиръавнларидан эди. Унинг вафотидан сўнг ҳокимият Фивада Амон коҳинларидан бири 21-сулола асосчиси Хрихор қўлига ўтади ва у Рамзес номи билан шоҳлик қила бошлайди.
Аммо Амон коҳинлари уруш олиб боришга мутлақо лаёқатсиз эдилар. Хрихор Фивада подшолик қилиб турган бир вақтда саҳродан келган ливияликлар Танис шаҳрида ҳокимиятни осонлик билан тортиб олдилар ва 24-сулоланинг охиригача Мисрда ҳукмронлик қилдилар. Бу даврда меъморчилик ва санъатда деярли ўзгариш бўлмайди.
Қурилишлар асосан 22-сулола вақтида ривож топди. Сулоланинг асосчиси Шешонка Фиванинг учлик худоси — Амон, Мут ва Хонсуларга бағишлаб Танис шаҳрида ибодатхона тиклади.
Шу билан бирга меъморчилик ишлари муқаддас шаҳар Фивада ҳам олиб борилди.
Масалан, 22-сулола фиръавни Шешонка I Карнакда Амон Рэ ибодатхонасининг иккинчи пилони олдига жуда катта ҳовли солдирди ва баландлиги 43,5 м, эни 113 м га тенг бўлган баҳайбат пилон ҳам тиклади.
23- ва 24-сулолалар даврига алоқадор иншоотлар деярли сақланмаган.
Бу вақт ичида на Фивада, на Мисрнинг бошқа шаҳарларида диққатга сазовор бирорта ҳам бино қурилмади. Фиръавнларни дафн этиш учун эса асосан илгари ўлган кишиларнинг даҳмаларидан  фойдаланилди.
25-сулола фиръавнлари мусофир Нубиядан бўлганлар. Янги подшоликнинг сўнггида Нубия Мисрдан ажралиб чиқди ва мустақилликка эришди. Лекин улуғвор иншоотлар Карнакда қурилди.
Фиръавн Тахарка Карнакдаги Шешонка ҳовлисининг ўртасида қатор устунлар бунёд этди. Силлиқ устунларнинг муқарнаслари папирус гулининг очилиб турган шаклини ифодалаган. Ҳозир бу устунларнинг фақат бир донасигина сақланган.
Бундан ташқари, Тахарка Амон ибодатхонасининг тўрттала томони бўйлаб устунлар хиёбонини ташкил этиб, уларнинг оралиқларини паст деворлар билан бирлаштирди. Деворларга ўйиб ишланган рельефларда унинг тахтга ўтириш маросими тасвирланган.
25-сулола эрамиздан аввалги 671 йилда Мисрни Сурияликлар томонидан босиб олиниши билан тамом бўлди. Сурияликлар Фивани талон-тарож қила бошладилар. Мисрликларнинг қаҳрамонликлари ҳақида қадимги яҳудий пайғамбари Наҳум завқланиб гапирган эди. Сурияликларга қарши курашни ғарбий «дельта» ҳукмдорлари бошқардилар. Улар босқинчиларни қувдилар ва бутун мамлакатни яна ўз қўллари остига бирлаштирдилар. Шундай қилиб, қуйи Мисрдаги Саис шаҳри 26-сулоланинг янги пойтахти бўлди.
Саис сулоласининг шоҳлари ўз алоқаларини қадимги буюк фиръавнлар билан боғлашга интилганлар ва шунга кўра эски диний маросимларни тиклаганлар, қадимги ибодатхоналарни эса қайтадан таъмирлаганлар. Таниқли амалдорлар ўзларининг мақбараларини қадимги қабристонларда қурдириб, жойлардаги мавжуд шаклларни такрорлаганлар. Дарҳақиқат бу даврда Мисрнинг ижтимоий ҳаётида бирмунча жонланиш пайдо бўлди, лекин бу узоққа чўзилмади, чунки Миср ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий жиҳатдан анча кучсизланиб қолган эди. Бу эса эрамиздан аввалги VI асрларда эронликлар, сўнгра эрамиздан аввалги IV асрда македониялик Александр томонидан ерларни босиб олинишига, унинг ўзига хос санъатида аста-секин сўниш ва эллин дунёси санъати билан қўшилиб кетишига сабаб бўлди.

МИСР ЭЛЛИНИЗМИ

Эрамиздан аввалги 332 йилда македониялик Александр армияси Мисрга кириб келди. Эрон ҳукмдорлигидан азоб чеккан мисрликлар Александр қўшинларига ҳеч қандай қаршилик кўрсатмадилар. Аксинча, Миср коҳинлари Александрни қўллаб-қувватладилар ва уни Амоннинг меҳрибон фарзанди Рэ деб эълон қилдилар. Александр Мисрнинг Нил дельтасида янги шаҳар барпо этди. Унинг номи Александрия деб аталган бу шаҳар мунтазам режага эга бўлган. IV асрнинг охирида Александрия юнон-шарқ дунёсининг энг йирик савдо ва маданият марказларидан бирига айланган.
Катта  қурилиш  Мисрда  Александр  вафотидан  сўнг унинг ворислари македонияликлар сулолаларининг шоҳлари — Птолемейлар вақтида олиб борилди.
Истило этилган ерларда ўз ҳокимиятипи мустаҳкамлаш мақсадида Птолемейлар (эрамиздан аввалги 332—30 йиллар) Миср худоларини ҳурматлаганлар ва улар шарафи учун ибодатхоналар қурдирганлар.
Ибодатхоналарнинг архитектурасида эса қадимги санъат анъаналарини қайта тиклаганлар.
Миср эллпнизми даври архитектурасининг энг ёрқин намунаси — бу Эдфудаги Гора ибодатхонасидир (52-расм).
Унинг барча хоналари — пилон, очиқ ҳовли, кирши ва гипостиль заллари, муқаддас ва сиғиниш хоналари худди янги подшолик ибодатхоналаридаги каби симметрик равишда бир ўққа жойлашган.
Эрамиздан аввалги 122 йилда Птолемей IX Гипостиль зал олдига катта 18 устунли, деворлари рельефлари билан безатилган кириш зали қурдирган.
Ўз павбатида, унинг ворислари: Птолемей X, XI ва XII лар ибодатхона атрофини ташқи девор билан ўраб, кириш зали олдида катта очиқ ҳовли ва пилон яратганлар. Натижада очиқ ҳовли деворлари билан ибодатхона деворлари орасида бемалол ҳаракат қилиш мумкин бўлган йўлак вужудга келган. Бошқача қилиб айтганда, Гора ибодатхонаси гўё атрофи девор билан ўралган очиқ ҳовли ичида шакллангандек туюлади. Шубҳасиз, бундай эркин ва аниқ композицион ечим Миср эллинизмининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.
Дарҳақикат ҳовлининг олдидаги пилон жуда салмоқлидир. Унинг баландлиги 35, эни эса 76 метрга тенг.
Кўринишдан пилон 2 та мустақил миноралардан иборат бўлиб, улар ҳовлига олиб кирувчи эшикнинг тепасидан ўтган раҳ билан ўзаро туташтирилган. Раҳнинг ўртасида қуёш гардиши бор. Пилоннинг сирти бошдан-оёқ рельефлар билан тўлдирилган ва улар кириш эшигининг ўқига нисбатан симметрик тарзда жойлашган, яъни пилоннипг чап томонидаги рельефлар, унинг ўнг томонидаги рельефларни такрорлайди. Горадаги рельефларнинг кўлами қадимги даврдаги рельефларга ўхшаб ҳар хил бўлган.
Фиръавнлар билан худоларнинг шакллари ҳажм жиҳатидан бошқа шакллардан бир печа бор афзал бўлган. Маълумки, янги подшолик вақтиданоқ пилонларнинг сиртларини рельефли композициялар билан тўлдириш одат эди. Эллинизм даврида бу рельефлар янада каттароқ маъно кашф этди. Энди расмларни ҳосил қилувчи чизиқлар чуқурроқ бўлганлигидан уларнинг равон ва нафислиги янада кучайган. Эллинизмдаги барча рельефлар ўзларининг ана шу хусусиятлари билан ажралиб туради. Эдфудаги Гора ибодатхонаси композицияларидаги мавжуд бўлган бу нафислик бизни завқлантиради.
Пилон орқасидаги ҳовлининг ичкарисида тошдан ишланган ҳайкал ўрнатилган бўлиб, унда худо Гора лочин қуш қиёфасида ифодаланган. Лочин ибодатхона қўриқчиси, чунки унинг орқасида кириш зали жойлашган. Унинг архитектурасига алоҳида эътибор берилган. Кириш залидаги устунларнинг қатори янги подшолик давридаги ибодатхоналарга қараганда кўпдир. Ўтган давр учун одат бўлган бир ёки икки қатор ўрнига бу ерда улар уч қаторни ташкил этади. Кириш залининг ҳовлига қараган фасади безакларга жуда ҳам бойдир, у пилон сифатида талқин этилган.
Кириш залига нисбатан гипостиль хона анча содда ишланган. Унинг ҳаммаси бўлиб 12 та устуни бор. Устунларнинг бўйи ҳам паст бўлган. Кириш ва гипостиль заллари ўртасидан ўтган йўл сиғиниш жойига олиб боради.
Эдфудаги Гора ибодатхонасининг Миср эллинизмида машҳурлиги бежиз эмас, албатта. У кўпроқ тўсиқ деворнинг ички сиртига битилган муҳим ёзуви билан танилган. Унда хабар қилинишича, фиръавн ибодатхонани қуришда уни қўшимча устунлар, пилонлар ва деворлар билан кенгайтирган. Бу ишларни амалга оширишда у худо Птанинг улуғ фарзанди улуғ коҳин Имхотибнинг Гера ибодатхонасини тузиш ҳақида яратган китобига амал қилган, дейилган.
Бу ёзув ҳақиқатдан ҳам меъморлар учун махсус қўлланма бўлиб, улар авлоддан-авлодга ўтганлигидан далолат беради. Бу қўлланмаларни ўрганиш билан меъмор Миср санъатининг асосий анъаналари ва уларнинг негизларини яхши билиб олган. Шуниси характерлики, бундай қоидалар асосан, эллинизм даврида, айниқса кўпгина анъаналар унутилган ва меъморлардан уларни ўрганиш талаб этилган бир вақтда ёзила бошлаган.
Миср эллинизми санъати ҳақиқатан ҳам эски шаклларни янгича талқин эта олган моҳир архитекторлари билан характерланади.
Буни Дендердаги Гатор ибодатхонаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ибодатхонанинг деворларига ўйилган ёзувларга қараганда, Гаторга асос қилиб Ҳуфу эҳроми олинган. Ибодатхонанинг қурилиши узоқ олиб борилган бўлса ҳам унда ҳовли билан пилон қурилмай қолган. Кириш залида 24 та устун бор. Устунларнинг мўқарнаслари   худо-сигирнинг   боши — Гатор   шаклида     тасвирланган.
Гатор капителининг келиб чиқиши бизга Ўрта подшолик давридан маълум. Бу даврда сигир қулоқли аёл бошини  тасвирловчи  пилястрлар  қўлланган эди.
Гатор бошли капителлар Янги подшолик даврида ҳам Дейр-Эль—Баҳрида малика Хатшепсутнинг ибодатхонасидаги устунларда мавжуд бўлган. Унда Гатор боши капителнинг икки қарама-қарши томонига ўйиб ишланган эди. Дендердаги Гатор ибодатхонасида эса капителларнинг тўрттала томони ҳам Гатор боши билан безатилган. Шунинг учун ҳам устунлар яхлит кўринишга эга. Маъбуда бошининг тепасида мусиқа асбоби систр акс эттирилган, чунки маъбуда Гатор мусиқа ва систр асбобининг ҳомийси ҳисобланган. Устунларнинг оралари ярмисигача тош лавҳалар билан тўлдирилган. Улар рельефлар билан безатилган бўлиб, қадимги Миср рельефларидан бирмунча катталиги, одам ва худолар шаклларининг яхши тарашланганлиги, нафислиги, чизиқ изларининг юмшоқ ва силлиқлиги билан ажралиб туради.
Кириш залига туташган гипостиль хонанинг устунлари пальмасимон, нилуфарсимон ва Гаторли капителлар билан безатилган.
Дендердаги Гатор ибодатхонаси ҳақиқатан ҳам Миср эллинизмининг энг машҳур биноларидан бири бўлган.
Миср эллинизми дунёсида маълум бўлган ёдгорликлардан яна бири Ком-Омбо ибодатхонасидир.
Ундаги энг асосий хусусиятлардан бири шундаки, битта бинонинг ичига иккита мустақил ибодатхона жойлашган. Шунга кўра, бино иккита паралелл қисмларга бўлинган: ўнг томондаги жанубий қисми, муқаддас ҳайвон ҳисобланган тимсоҳ кўринишидаги худо Собекка, шимолий чап қисми эса Гора худосига бағишланган. Ҳар бир қисм учун алоҳида сиғиниш жойи мавжуд ва уларга пилон дарвозаларидан бошлаб иккита алоҳида йўл олиб боради.
Одатдагидек, марказий ўққа жойлашган ягона йўл ўрнига ибодатхонага энди иккита бир-бирига параллел бўлган йўллар олиб боради.
Пилон шакл жиҳатидан унча мукаммал эмас, у ибодатхонани ўраб турган ташқи девордан одатдагидек ажралиб турмайди, балки унга қўшилиб кетади.
Ҳовли ҳам Эдфудаги Гора ибодатхонаси сингари учала томондан устунлар билан қуршаб олингани билан тўлиқлигини сақлаб қололмаган. Бунинг сабаби, иккинчи сиғиниш хонаси ҳисобига бино энига анча кенгайган. Натижада ҳовли яримта бўлиб қолган. Ибодатхонанинг қолган қисмлари Эдфудаги Гора ибодатхонасининг барча хоналарига ўхшашдир.
Ибодатхонанинг асосий қисми ички айланма йўл ва девор, кейин яна ташқи айланма йўл ва янги девор билан ўралган. Ибодатхонани ўраб турувчи деворларнинг сони ва аҳамияти бу ерда Эдфудаги ибодатхонага нисбатан анча ошган. Ком-Омбода қўлланилган капителларнинг хилма-хиллиги устунларни бир-биридан ажратиб туради. Уларда эллинизм архитектураспнинг хусусиятлари сезиларлидир.
Миср эллинизмининг энг машҳур ёдгорликларидан яна бири Фили оролидаги Исида ибодатхонасидир. Бу Мисрнинг жанубий чегарасида, улуғ дарё сувлари билан ўралган чакалакзорда бир-бирларига аниқ мосланган тошлардан қурилган ва хушбичим устунлару, чиройли рельефлар билан жиҳозланган ажойиб  бинодир.
Ибодатхона пилонидаги рельефлар айниқса пилоннинг ички ҳовли томонга қараган деворларига ўйиб ишланган маъбуда Исиданинг суратлари, ўзининг ғоят гўзаллиги билан ажралиб туради. Бу қунт билан изланган ва жилваларга чўмган шакллар санъатининг кейинги даври ривожланишидан дарак беради.
Пилон орқасидаги ҳовлининг атрофи одатдагидек устунлардан эмас, балки мустақил қурилмалардан иборат.
Улар орасида кираверишда чап томонда «Исиданинг туғилган уйи» деб номланган бино бор. «Периптер» типидаги бу кўркам бино ташқи томондан қатор устунлар билан ўраб олинган. Фақат бинонинг бурчакларида устунлар девор билан алмаштирилган. Катта пилон олдида майдон бўлиб, у ҳам ҳар томондан ҳар хил капителли устунлар билан ўралган.
Хулоса қилиб айтганда, Миср меъморчилигида Карнак қандай роль ўйнаган бўлса, Фили ороли меъморчилиги ҳам Рим — Миср эллинизми даврида худди шундай роль ўйнаган. Деярлик ҳар бир ҳукмдор бу оролда нимадир қурган ва эрамиз бошларида улар архитектура музейларига айланган.
Асосий Исида ибодатхонаси комплексидан ташқари, император Август қурдирган кичик бутхона ва бир қатор бошқа ибодатхоналар ҳам киши диққатини ўзига тортади (54-расм).
Ниҳоят, эрамизнинг 30 йилларига келиб, Миср Рим империяси вилоятларидан бирига айланди. Чунки Рим императори Октавиан Птолемейларнинг сўнгги қироличаси Клеопатра устидан ғалаба қозониб, ҳукмдорликни узил-кесил ўз фойдасига ҳал қилганди. Сўнгра христиан дини вужудга келди. Шу туфайли Мисрдаги қадимги тил ва дин унутилди.
Эрамизнинг VII асрига келиб, араб мусулмонлари мамлакатни забт этдилар ва у ерда ўрнашиб олдилар. Ана шу вақтдан бошлаб Миср тарихи, маданияти, санъати ва меъморчилигида янги бурилишлар бошланди. Бу қарийб 13 асрлик даврни ўз ичига олади. Уни янги мавзу сифатида алоҳида чуқурроқ кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
 
 
1-расм. Мисрнинг қадимги харитаси.

 
2-расм. Миср аёлининг қадимги такинчоклари.
 
 
3-расм. Кадуф (суғориш асбоби).

 
4-расм. Кадуфнинг ҳозирги кундаги куриниши.
 
 
5-расм. Нилометр.

 
6-расм. Қадимги Миср ёзуви. Мастаба
 
 
7-расм. Мастабаларнинг умумий кўриниши

 
8-расм. Тутанхамон қабридан топилган муқаддас қайиқ.

 
9-расм. Шох Нармернинг сурати туширилган тог.

 
10-расм. Амон кохинасининг мўмиёси ёғоч тобутда.

 
11-расм. Саккарах. Жозеф эхромининг умумий кўриниши.
 
12-расм. Жозеф эҳромининг плани.

 
13-расм. Гизадаги пирамидалар ансамбли. Бош плани.

 
14-расм. Хеопс пирамидасининг қирқими: 1. Кириш. 2. Асосий йул. 3. Фиръавн кабри. 4. Малика кабри. 5. Сохта қабр.

 
15-расм. Пирамида қурилишини кўрсатувчи макет.

 
16-расм. Гизадаги улкан сфинкс.
 
17-расм. Фиръавн Хефреннинг хайкали.

 
18-расм. Фива. Ментухотиблар макбараси.
 
 
19-расм.   Ментухотиблар  макбарасининг   ташки   кўриниши   ва   плани.

 
20-расм. Бени Хасандаги ғорли «Протодорик» устунли макбара.

 
21-расм. Мақбаранинг ташқи кўриниши ва плани.
 
22-расм. Шоҳлар водийси. Фива. Аменофис III нинг улкан ҳайкаллари

 
23-расм. Малика Хатшепсут тиклаган меъморий ёдгорлик-устун.

 
24-расм. Тель-Эл-Амарна (Ахетатон). Атон худосини ифодаловчи рельеф.

 
25-расм. Тель-Эл-Амарна  (Ахетатон). Шаркий сарой плани ва шахарнинг кўриниши.

 
26-расм. Тель-Эл-Амарна   (Ахетатон)   Сарой безагидан бир  кўриниш.

 
27-расм. Сетхи I қабридаги деворлардан бирига ишланган лавҳа.

 
28-расм. Сетхи I нинг мўмиёланган боши.

 
29-расм. Сетхи I кабридаги тобут Саркофаг.

 
30-расм.   Тутанхамон   макбарасидаги   тахтнинг   суянчиғига   ишланган машҳур олтин лавҳа.

 
31-расм. Тутанхамон макбарасидаги олтин тахт. 1922 йилда топилган.

 
32-расм. Тутанхамон тобути устидаги олтиндан ишланган бошнинг ниқоби.

 
33-расм. Тутанхамон мақбарасидан топилган елпиғич

 
34-расм. Шохлар водийси. Нэбамон мақбарасидаги зиёратхона деворига ишланган бир лавха.

 
35-расм. Нэбамон мақбарасидаги худолар ва мархумларга бағиш-ланган зиёфат саҳнаси.

 
36-расм. Мена макбарасидаги деворга ишланган меҳнат даласи лавҳаси.

 
37-расм. Карнак. Рамзес II га бағишлаб ишланган барельеф.

 
38-расм. Луксордаги катта эҳромнинг олд томонидан кўриниши.

 
39-расм. Фивадаги эҳромнинг плани.

 
40-расм. Карнак. Катта Амон эхроми (ибодатхона)нинг гипостиль хонаси.
 
41-расм. Луксор. Аменхотиб III курдирган эҳром.

 
42-расм. Фива. Рамзес III зиёратгоҳи — «Рамассум».

 
43-расм. Зиёратгоҳнинг плани.

 
44-расм. Фива. Рамзес III қурдирган эхромнинг гипостиль хонаси.

 
45-расм. Мединет Абу. Рамзес III эҳромининг дарвозаси.

 
46-расм. Зиёратгох Мединет Абу. Зиёратгоҳнинг плани.

 
47-расм. Абу Симбалдаги Рамзес II эхроми.

 
48-расм. Абу Симбал. Ғорли Эхромнинг олди томондан кўриниши.
 
49-расм. Абу Симбал. Эхромнинг плани.

 
50-расм. Тутанхамон макбарасидан топилган «ажойиботлар».

 
51-расм. Эдфу. Гора ибодатхонаси. Пилон (фасад, план, қирқим).

 
52-расм. Эдфу ибодатхонасидаги Гора Эҳромининг дарвозаси — Пилон.

 
53-расм. Эдфудаги ибодатхонанинг ҳовлиси.

 
54-расм. Фили оролидаги Исида  ибодатхонасининг умумий кўриниши.

 
АЙРИМ ИБОРАЛАР МАЪНОСИ

Абидос - Юқори Мисрдаги муқаддас шаҳар. У ердаги қабристондан энг қадимги шоҳларнинг қабрлари топилган.
Амон - Мисрликлар худоси, Фива ҳомийси. Унга атаб Карнакда ибодатхона қурилган. Кейинчалик у Мисрнинг асосий худоси Рэга сингдирилган (Амон—Рэ).
Анубис - Мўмиёлаш худоси. У Миср санъатида доимо чиябўри бошли одам қиёфасида тасвирланган.
Абу-Симбел - Нилдаги иккинчи шаршаранинг қуйи оқимида жойлашган манзара. Бу ерда Рамзес II қурдирган 2 та қаср бор.
Ассуан - Нил дарёсининг биринчи шаршара яқинига жойлашган шаҳар. 1967 йилда бу ерда сув омбори қурилган. Аҳолиси 48.000 киши.
Александрия - Македониялик Александр Нил дельтасида қурдирган шаҳар.
Атон - Эрамиздан аввалги XVI асрда Аменофис IV асос солган яккахудолик дини. У ҳаммаси бўлиб чорак аср яшаган. Кейин тез унутилган.
Ахетатон - Эрамиздан аввалги XIV асрда Аменофис IV Юқори Мисрда барпо этган шаҳар. Ҳозирги Тель-Эль-Амарна.
Ахенатон - Миср фиръавни Аменофис IV эрамиздан аввал 1366 йилда Амон худосини Атон дини билан алмаштиргандан сўнг шу исмни қабул қилган.
Абиссин - Эфиопия (Хабашистон)нинг қадимги номи.
Барельеф - Паст саёз рельеф. Ҳайкал шаклидаги тасвирни текис юзадаги кўринишларидан бири. Бунда  шакллар юзага нисбатан бироз бўртган бўлиб, ёруғ-соя ўйинлари кескин сезилмайди.
Бес - Ашула, рақс ва мусиқа худоси.
Византия - Эрамизнинг IV  асрида Рим давлатининг парчаланиши натижасида вужудга келган Шарқий Рим империяси.
Гатор - Қадимги мисрликларнинг гўзаллик ва севги маъбудаси. Юнонликлар уни Афродитга ўхшатганлар. Маъбуда сигир ёки сигир бошли аёл қиёфасида тасвирланган.
Гатор устуни - Капители гатор кўринишида бўлган Миср устуни.
Галерея - Узунлиги энидан катта бўлган усти ёпиқ хона.
Гиксослар - Қадимги Миср давридаги осиёлик қабилалар. Аммо бу сўзни Миср пайғамбарлари ва тарихчилари ишлатганлар.
Гипостиль зал - Кўп устунли хона (Миср ва Эронда)
Дельта - Дарёнинг тармоқланиб ёйилиб кўлга денгизга қуйиладиган жойи. Нил   дарёсининг дельтаси Ўрта Ер денгизига туташган.
Иерархия - Қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга бўйсуниш тартиби.
Иероглифлар - Қадимги халқларда сўз маъносини англатувчи ёзув белгилари. Миср ёзувидаги белгиларни юнонликлар «муқаддас» деб атаганлар.
Инкрустация - Тош, ёғоч ёки металл буюмларга олтин, кумуш ва рангли  қимматбаҳо тошларни қўшиб, жойлаштириш йўли билан яратилган асар.
Исида - Қадимги мисрликларнинг афсонавий маъбудаси. Никоҳ, оила ва табиат ҳомийси. Худо Осириснинг синглиси ҳам рафиқаси, худо Хоруснинг онаси.
Имхотеп - Меъмор, Жосер эҳромининг муаллифи. Қадимги Миср ёзувининг асосчиси. Шоҳ саройидаги барча ишларнинг бошқарувчиси. Кейинчалик у худо Птахнинг ўғли сифатида илоҳийлаштирилган.
Кадуф - Қадимги Мисрда суғориш ишларида қўлланилган насос.
Ка - Ўлган кишининг руҳи.
Канопа - Ўлган одамнинг ички аъзоларини сақлайдиган идиш.
Капител - Устуннинг юқори қисми безаги—муқарнас.
Каннелюрлар - Устунда тик чизиқ бўйлаб ўйилган ариқчалар.
Катакомблар - Қадимги Мисрда мўмиёларни сақлайдиган ер ости хоналари.
Карнак - Фива харобаларида тикланган қишлоқ. У ерда Амон ибодатхонаси қурилган.
Луксор - Нилнинг ўнг қирғоғида жойлашган қадимги шаҳар. Аҳолиси 39900 киши. Амон ибодатхонаси ва иккита обелиск бор. Улардан биттаси 1836 йилда Париждаги Конокрод майдонига келтириб қўйилган.
Манетҳо - Қадимги Миср тарихини сулолалар асосида ўрганишни талаб этган биринчи Миср пайғамбари ва тарихчиси.
Мастаба - Қабр устига ишланган трапеция шаклидаги сағана.
Мемфис - Нил дельтасининг юқори оқимида жойлашган шаҳар. Қадимги  подшолик давлатининг пойтахти.
Мўмиёлаш - Ўлган киши танасини чиришдан сақлаш мақсадида махсус тайёрланган қоришмага бўктириш.
Нармер - Қадимги Мисрда биринчи қулдорлик давлатига асос солган фиръавн.   Эрамиздан аввалги 2860 йил.
Нилометр - Қадимги Мисрда сув тошқинини аниқлаш учун ишлатилган асбоб.
Нефертити - Фиръавн Аменофис IV Ахенатоннинг хотини
Неф - Ибодатхона ичини устунлар қатори билан хоналарга ажратиш.
Номлар - Нил дарёси бўйида дастлаб вужудга келган вилоятлар.
Номад - Мисрда қадимги маҳаллий маъмурият.
Нубия - Суданнинг қадимги номи.
Осирис - Қадимги Мисрнинг афсонавий худоси. Ўсимлик ва деҳқончилик  ҳомийси. Ер ости дунёсининг подшоси. Афсонавий маъбуда Исиданинг акаси ва эри.
Папирус - Нил қирғоғидаги ботқоқликда ўсадиган қиёқли ўсимлик. Қадимги  даврда ундан ёзув қоғози тайёрланган.
Пунт - Сомали давлатининг қадимги номи.
Пилон - Қадимги мисрликлар ибодатхонасига кираверишдаги улкан дарвоза,   пештоқ.
Пилястр - Деворнинг капител ва базали устунга ўхшаш текис тўғри тўртбурчак шаклидаги бўртган жойи. .
Пирамида - Эҳром. Қадимги подшолик давридаги шоҳ қабри. Уларнинг бир     гуруҳи (Хеопс, Хефрен, Микарен) Гизада топилган.
Птолемейлар - Македониялик Александр асос солган (эрамиздан аввалги 226  йил) сулола. Унинг вафотидан сўнг (эрамиздан аввал 323—30 йиллар) Птолемейлар    сулоласи Мисрда ҳукмронлик қилган.
Рэ - Қадимги мисрликлар худоларининг худоси. У қуёш Рэ. Деворий суратларда думалоқ шар остида лочин бошли одам қиёфасида ифодаланган.
Сулола - Бир оилага мансуб бўлган таниқли  кишилар мунтазамлилиги.
Саркофаг - Тош, металл ёки ёғочдан безаклар билан ишланган улуғвор тобут.
Сфинкс - Танаси шер, боши одам қиёфасидаги ажиб маҳлуқ. Баландлиги 17 метр, узунлиги 39 метрга  тенг бўлган сфинкс Гизада топилган.
Сенмут - Меъмор. Дайр-Эль-Баҳрадиги малика Хатшепсут қасрининг муаллифи. Татх - Ақл-идрок ва ёзув худоси. Деворий суратларда у лайлаксимон қуш бошли   одам Иблис қиёфасида тасвирланган.
Таврот - Христиан ва яҳудийларнинг васиятлари битилган диний китоб.
Хорус - Мисрликлар худоси, Осирис ва Исидаларнинг фарзанди, унга атаб Эдфуда ибодатхона қурилган, лочин қуш ёки лочин бошли одам кўринишида ифодаланган. Хонсу - Ой худоси, Амон-Рэ ва унинг хотини Мутларнинг ўғли. Унга атаб кўп ибодатхоналар қурилган.
Эллинизм - Эрамиздан аввалги IV—I асрларда Ўрта Ер денгизи ҳавзасида юнон-македон давлатининг ҳукмронлиги даври.

АДАБИЁТЛАР

1. Авдиев Е. И. «Қадимги шарқ тарихи», Тошкент, 1965.
2. Абдуллаев Н. «Санъат тарихи», жилд 1, Тошкент. 1987.
3. Брунов Н. И. «Очерки по истории архитектуры» Т. 1. Архитектура Египта, Москва—Ленинград, 1947.
4. Всеобшая история архитектуры, Т. (1 под. редакцией Б. П. Михайлова): М. 1958.
5. Всеобшая история архитектуры в 12 томах. Т., Москва,  1966.
6. Всеобшая история искусств в 6 томах, Т.  1. М., 1956.
7. Гуляницкий Н. Ф. Архитектура гражданских и промышленннх зданий в 5 томах. Т., 1. История, архитектура. М., 1984.
8. Бунин А. В. Саваренская Т. Ф. История градостроительного искусства. Т. 1. М., 1979.
9. Ткачев В. Н. История архитектуры. М., 1987.
10. Матьев М. Э. Искусство Древного Египта. М., 1970.
11. Рубинштеин Р. И. В гостях у Хунумхотепа (рассказь е древнеегипетских художниках, скульпторах и мастерах). М., 1970.
12. Lconard cotrell — Civilisation Disparus (traduit de L’anglais par M. Matignon) Glammapion 1974.