forum.ziyouz.com

Kutubxona => Boshqa kitoblar => Tarixiy adabiyotlar => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 03 Aprel 2010, 12:23:20

Nom: Tabarruk ziyoratgohlar. Sadriddin Salim Buxoriy
Yuborildi: AbdulAziz 03 Aprel 2010, 12:23:20
Tabarruk ziyoratgohlar

(http://www.ziyouz.com/images/books/tabarruk_ziyoratgohlar.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=279)

Muallif: Sadriddin Salim Buxoriy
Hajmi: 396 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=279)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=4581.0)
Nom: Re: Tabarruk ziyoratgohlar. Sadriddin Salim Buxoriy
Yuborildi: Ansora 05 Aprel 2010, 19:17:52
Садриддин Салим Бухорий

ТАБАРРУК ЗИЁРАТГОҲЛАР


Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1993


ИМОМ АЛ БУХОРИЙ

Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги мўътабар манбаъ—иккинчи муқаддас китоб Ҳадиси шарифдир. Шариф деган сўз арабча бўлиб, шарафли, азиз, қадрли деган маъноларни англатади. Қуръони каримни Каломи шариф деб ҳам атайдилар. Шунингдек, шариф унвонига сазовар бўлган шаҳарлар ҳам бор: Шом, Бағдод, Қуддус, Мазор, Бухоройи шариф.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг айтган гаплари, қилган ишлари, шунингдек пайғамбар алайҳиссалом бошқаларнинг бирор ишини кўриб, уни маън қилмаган бўлсалар, шуларнинг ҳаммаси суннат ҳисобланади. Булар ҳақидаги далолат эса ҳадисдир.
Ҳазрат Баҳоуддиннииг устозлари ҳазрат Мир Кулол деганларки, ўнг қўлингизда Қуръони карим, чап қўлингизда эса Ҳадиси шариф бўлсин. Ана шу икки китобдаги таълимотга риоя қилсангиз, асло адашмайсиз.
IX асрда пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини жамлаш, уларни ёйиш, саҳиҳ (аниқ, хатосиз)ларини шубҳалиларидан саралаш кучаяди. Муаррихлар бу асрни «олтин аср» ёки «олтин девор» аcри деб атайдилар. Ал-Бухорий, Муслим, ан-Насафий, Абу Довуд, Ат-Термизий, ибн Можжа каби муҳаддислар худди шу асрда яшаб, фаолият кўрсатган. Уларнинг асарлари «Қутуби ситта» («Олти китоб») номи билан бутун дунёда машҳур.
Улуғ муҳаддислар орасида Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий биринчи ўринда турадилар, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки Имом Бухорий (Имом Абу Абдуллоҳ шу ном билан бутун оламга танилган)гача ўтган муҳаддислар пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини саҳиҳ ё шубҳали бўлишига эътибор бермай китобларга киритаверганлар. Тўғри, Муҳаммад алайҳиссалом тирикликларида ҳадисларни ёзиб олганлар бўлган. Жумладан, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Анас ва бошқа саҳобалар саҳиҳ ҳадисларни ёзиб олганлар. Лекин йиллар ўтавериб, миллий-сиёсий ихтилофлар кучайган, динга фойдаси тегар мақсадида айримлар пайғамбаримиз номларидан ҳадислар тўқиганлар. Фиқҳ ва илми калом соҳасидаги зиддиятлар, амир ва ҳокимларга хушомадгўйлик оқибатида кўплаб ишонарсиз ҳадислар ҳам юзага келган (Муҳаммад Сиддиқ Муҳаммад Юсуф).
«Мендан ривоят қилинган бирор ҳадисни эшитганларингизда дилларингизга таниш, баданларингизга таъсир қиладиган ва ақлларингизга сиғадиган бўлса, демак, у менинг айтган ҳадисимдир. Аммо эшитган ҳадисларингиз бунинг аксидек туюлса, у менинг ҳадисим эмасдир», даб таъкидлаганлар пайғамбар алайҳиссалом.
Имом Бухорийнинг туғилган йиллари, ҳатто куни ҳам аниқ—ҳижрий сананинг 194 йили, шаввол ойининг 13 куни, яъни мелодий 810 йил, 20 июль. Имом Бухоро шаҳрида туғилган, оталари Имом Исмоил саводли бўлганликлари учун бу санани ёзиб қолдирган. Имомнинг исмлари Муҳаммаддир.
Имом Бухорий биринчи бўлиб ҳадислар саҳиҳини ғайри саҳиҳдан саралаганлар. Бу—оғир меҳнат, улкан билим, тинимсиз риёзат талаб қиладиган мушкулотдир. Бу вақтга келиб Бухоро «Қуббатул ислом» —ислом динининг гумбази деган ном олган ва бу шариф шаҳарда илму санъат, маданияту маърифат ривож топган, Бухоро олимлари жаҳонга машҳур бўлган. пайтда Хожа Имом Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (834 йил марҳум бўлганлар) ва бошқа алломалар илмни тарқатиш, олимларнинг кўпайишида улкан хизматлар қилган (Наршахий, «Бухоро тарихи»).
Маълумки, Бухоро шаҳрида биринчи бўлиб Қутайба ибн Муслим томонидан 712 йил масжид бино қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, бу масжид ўша даврда ҳам мактаб, ҳам мадраса вазифасини ўтаган.
Наршахийнинг ёзишларича, Бухоро Абу Ҳафс Кабир туфайли «Қуббатул ислом» номини олган. У кишининг ўғли Абу Абдуллоҳ (Абу Ҳафси Сағир деб ҳам атаганлар) илмлари шу даражага етганки, ҳожилар карвони Каъбадан қайтаётганда, уларнинг уламолари Хожа Имом Абу Ҳафс ёнларига бориб, у кишидан муаммо масалаларга жавоб сўрар экан. Шунда Абу Ҳафс: «Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?» деганда, у олим: «Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога борганда бу муаммони Хожа Имом Абу Ҳафс ёки у кишининг фарзандларидан сўра!» дедилар.
Имом бир кеча-кундузда Қуръони каримни икки маротаба хатм қилар, шу билан бирга шогирдларига ҳам дарс берар эканлар (Наршахий, «Бухоро тарихи», 130-бет).
Юқоридаги нақлдан маълум бўляптики, Имом Бухорий, Абу Исҳоқ Гулободий Бухорий, Ибн Сино, Абдулохолиқ Ғиждувоний каби буюк алломаларнинг Бухорода ўсиб вояга атиши беҳикмат эмас, балки Бухорода аллақачон бундай алломалар учун илму урфоний замин ҳозирланган эди. Бухоро Байтул ҳикмати пойдеворини Имом Ҳожатбарор номи билан бутун дунёга танилган зот Абу Ҳафс Кабир Бухорий қўйган эдилар.
Манбаларда қайд қилинишича, Абу Ҳафс Кабир Бухорий Имом Бухорийга дарс бериб, у кишидаги ҳадисга бўлган муҳаббатни билгач, Имом Бухорий ҳақларида дуо қилиб: «Келажакда бу кишидан улуғ муҳаддис чиқади!», деб каромат этганлар.
Имом Бухорий ўн олти ёшида оналари ва акалари билан бирга ҳажга бориб, тўрт йил Маккада яшаган. У киши Шом (Дамашқ), Қоҳира, Басра, Кўфа, Бағдод, Марвда ҳам бўлиб, илм олганлар, ҳадис жамлаганлар.
Имом Бухорий пайғамбар алайҳиссаломнинг 600 минг ҳадисларини жамлаб, шулардан 300 мингини ёдлаган. Ўзларининг тўрт жилддан иборат «Ал Жомиъ ас-саҳиҳ» (Бу асар «Саҳиҳи Бухорий» номи билан ҳам машҳур), яъни «Ишончли тўплам» номли китобларига 7275 ҳадисни саҳиҳ деб далиллар асосида исботлаб киритганлар.
Олимларниг таъкидлашича, «Ал Жомиъ ас-саҳиҳ» да фиқҳ, исломий маросимлар, аҳлоқ-одоб, таълим-тарбия ҳақида, шунингдек ўша давр тарихи ва элшунослигига доир маълумотлар киритилган.
Нақл қилурларки, Басрада Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил ҳадисдан сабоқ дарсида дафтарсиз, қаламсиз дарсга қатнашиб, ҳеч нарсани ёзиб олмасканлар. Сабоқдошлари Имом Бухорийни синамоқ бўлиб, ўн олти кун олдин ўтилган дарсдан савол беришибди ва ҳаммалари дафтарларини очиб, ёзганларини кузатишибди. Имом кўзларини юмиб, домладан эшитганларини бир бошдан такрорлабдилар, айрим сабоқдошлари хато кўчирган, баъзилари ёзиб олишга улгуролмаган жумлалар бор экан. Имом такрорлаганларидан сўнг, улар ўз хатоларини тузатишибди ва Имом Бухорий хотираларига қойил қолишибди.
Имом Бухорий тақво, саховат, меҳру мурувватда ҳам тенгсиз бўлган эканлар.
Бу зоти шариф «Ал Адаб ал—Муфрад», «Китоб асмоъ—ис-саҳоба», «Китоб бадъ ил-маҳлуқот», «Китоб бадъ ил-маҳлуқот», «Китоб бирр ил-волидайн», «Тарихи Бухоро», «Ал Жомиъ ал Кабир», «Китоб ул—виждон», «Китоб ул—муснад ал—кабир» ва бошқа ўнлаб асарларнинг муаллифи ҳисобланадилар.
Имом Бухорий Бухорога қайтиб, ҳадисдан дарс бера бошлайдилар. Лекин ҳасадгўй, сохта олимлар бу кишини амирга ёмонлашади. Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳайли номли киши амир бўлган экан. Амир Имомни аркка чорлаб, бизга ва шаҳзодаларга ҳадисдан дарс беринг, дейди. Имом эса эътироз билдириб: «Илм аркка, шоҳлар ёнига бормайди. Агар амирга илм керак бўлса, Аллоҳ таолонинг уйи—масжидга келсинлар ва шу ерда таълим олсинлар!» дейдилар. Натижада амир Имом Бухорийни Бухородан бадарға қилади. Имом Самарқандга бориб, Пойариқ туманида бир неча муддат турадилар ва ўша ерда 872 йил 1 сентябрда марҳум бўладилар. Имом Бухорийнинг қабрлари Пойариқ туманидадур.
Абу Тоҳирхожанинг ёзишларича, у кишининг қабрларидан анча вақтгача мушкдан ҳам хушбўйроқ ҳид таралиб турган. Тажрибада кўрилганки, кимки «Саҳиҳи Бухорий»ни бошига кўтариб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини Аллоҳ таоло офатлардан сақлаган.
Имом Бухорий масжидлари ёнида Бухоро Амири Абдуллахон (1534—1598) масжид қурдирган. Бу қишлоқни Хожа Исмоил қишлоғи деб атайдилар. Бутун мусулмон олами Имом Бухорийнинг 1200 йилликларини 1974 йили нишонлади.
Ҳадислар таъсирида Ғарбу Шарқ адиблари жуда кўп асарлар ёзганлар. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийнинг «Қирқ ҳадис»лари бунга мисол бўла олади. Шарқ алломалари Жалолиддин Румий, Саъдий, Хожа Ҳофиз, Лутфий ғазалларида, улуғ олмон шоири Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»даги шеърларда ояту ҳадис таъсирини кўриш мумкин.
Ҳадислар меҳру мурувват, мардлигу саховат, инсофу тавфиқ, адолату покликни тарғиб қилади. Миллатчилигу маҳаллийчилик, кибру шуҳратпарастлик, тамаъгирлигу худбинлик, фоҳишабозлигу ёлғончилик каби иллатлар қораланади. Гёте ояту ҳадисни ўрганиб, қуйидаги мисраларни битган:

Нодон ҳар ҳодисани ўзича шарҳлашга шай,
Ҳар ҳодиса сабабин билгум деган авом-да.
Аллоҳга итоатдур ислом деган сўз асли
Исломда яшаб ҳамма ўлажакмиз исломда.

Имом Бухорийнинг «Ал Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларидаги ҳадислардан намуналар:

Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, аразламанглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинг. Мусулмон одам ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашмасин!
Мунофиқлик белгиси учта: ёлғон гапиргай, ваъдага вафо қилмағай, омонатга хиёнат қилғай.
Аввало онангга, яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил!
Қариндошларига оқибатсиз одам жаннатга кирмайди.
Ҳар бир эзгу иш садақадур. Ёмонликдан ўзни тийиш ҳам садақа. Ширин сўз — садақа ҳисобланади.
 
ИСМОИЛ СОМОНИЙ

Маълумки, Мовароуннаҳр ва Хуросон араблар томонидан фатҳ этилгандан кейин бу ерда араб халифалари маҳаллий халқ вакилларидан бошқарувчи—амирлар тайинлашган. Мовароуннаҳр ва Хуросонда IX асрга келиб Тоҳирий (821—873), Саффорий (867—910), Сомонийлар (819—1005) давлати пайдо бўлди. IX—XI асрларни Шарқ ренесанси—уйғониш даври, форс-тожик адабиётининг гуллаган вақти деб тарихда қайд қилганлар. Зеро фалсафа, фиқҳ, ҳадис, риёзиёт, фалакиёт, жуғрофя, тиббиёт, мусиқа, кимё, меъморлик хуллас, кўплаб соҳаларда янги-янги кашфиётлар содир бўлди. Энциклопедик олимлар Абу Жаъфар бин Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Муҳаммад Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Умар Ҳайёмнинг қатор китоблари, шунингдек Рўдакий, Дақиқийнинг гўзал ғазаллари, Фирдавсийнинг оламшумул «Шоҳнома»си, худди шу даврнинг маҳсули ҳисобланади.
Нақл этилишича, амир Асад ибн Абдуллоҳ (783 йил вафот қилган) нинг қўлида Сомонхудот исломни қабул этган. Наршахий ёзади: «Унинг Сомонхудот дейилишига сабаб шуки, у бир қишлоқ барпо қилиб, унга Сомон деб ном берди ва Бухоро амирини Бухорохудот (яъни, Бухоронинг эгаси, амири) деб атаганларидек, уни ҳам шу қишлоқ номи билан Сомонхудот деб атадилар. Сомонхудот Асад Қушайрийга бўлган ҳурмати туфайли ўғлига Асад исмини берди, Шу Асад амир Исмоил Сомонийнинг бобосидир. Сомонхудот Баҳром Чўбин Маликнинг авлоди экан».
Сомонхудотнинг ўғли Асаддан тўрт фарзанд қолган: Нуҳ, Аҳмад, Яҳъё, Илёс, Халифа Маъмунга манзур бўлгулик хизмат қилганлари учун халифа Аҳмад ибн Асадга Фарғона, Яҳъёга Чоч ва Истаравшан, Илёсга Ҳирот, Нуҳга Самарқанд ҳокимлигини берди.
Аҳмад олим ва порсо бўлган (Наршахий). Муаррих Муқаддаснинг таъкидлашича, сомонийлар уламо ва фоизилларга бошқа амирлардан кўра кўпроқ эҳтиром кўрсатишган.
Аҳмад ибн Асад вафотидан сўнг унинг тахтини ўғли Наср ибн Аҳмад эгаллади. Низоми Арўзи Самарқандий «Мажмаъул наводир» («Нодир ҳикоятлар») китобида дейдики, Наср ибн Аҳмад сомонийлар сулоласига мансуб амирларнинг дурдонаси эрди. Наср ибн Аҳмад ҳукмронлиги даврида бутун Мовароуннаҳр сомонийлар ихтиёрида бўлган. Арўзи Самарқандийнинг таъкидлашича, Наср қишни Бухорода, ёзни Самарқанд ёки Балхда ўтказган. Дарвоқе, муаррихларнинг кўпи, Сомонхудот асли балхликдир, дёб ёзганлар. Бир йил Наср ибн Аҳмад Ҳиротга бориб баҳорни Бадғисда ўтказди. Шундай қилиб, бир йилдан ортиқ вақт бу ерда қолди. Бухорога бориш умуман хаёлидан кўтарилди. Шундан сўнг лашкарбоши ва аъёнлар устоз Рўдакий ҳузурига бориб: «Агар шоҳни Бухорога жўнашга рози қилсанг, сенга беш минг динор берамиз. Фарзандларимизни соғиндик, Бухорони соғингандан жонимиз бўғзимизга келди», дебдилар. Рўдакий амир базмида удни олиб, қуйидаги ғазалинн куйлабди:

Бўйи жўйи мўлиён ояд ҳаме,
Ёди ёри меҳрубон ояд ҳаме.

Мўлиённинг ҳиди бу ён келадир,
Меҳрубон ер ёди шу он келадир.

Амунинг қум-тоши оёқ остида,
Пар мисоли роҳатижон келадир.

Қанчалик, тошса-да Аму сувлари,
Отимиз қорнидан тўбон келадир.

Эй Бухоро, шод бўл, ҳам шод кул,
Сен тараф шоҳ шоду шодмон келадир.

Шоҳ ойдир ҳам Бухоро осмон,
Осмонга ой нурафшон келадир.

Шоҳ сарвдир ҳам Бухоро бўстон,
Бўстонга сарви равон келадир.
   (Ш. Шомуҳамедов таржимаси).

Рўдакий шу байтга етганда амир таъсирланиб, тахтдан тушиб, ҳатто этигини киймай, Бухоро сари равона бўлибди. Рўдакийга эса лашкарбошилар беш минг динорни икки баравар қилиб берган эканлар.
Насрнинг укаси Исмоил ибн Аҳмад ас-Сомоний 849 йил Фарғонада туғилган. Амир Исмоил Бухорога 874 йил келган. Бу вақтда Бухорода тўс-тўпалон авж олган, шаҳар ярим вайрона ҳолда бўлган. Чунки Ҳусайн ибн Тоҳир ат-Тойи Хоразмдан келиб, Бухорони талаган. Бухорода ўғрилик, бебошлик авж олган. Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Наср ибн Аҳмадга хат ёзиб, Бухорога амир тайинлаб юборишни илтимос қилган. Ва шу хат шарофатидан Бухорога Наср ўз укаси Исмоилни амир этиб юборган.
Амир Наср вафотидан кейин бутун Мовароуннаҳр амир Исмоил тасарруфига ўтди. Амир Исмоил Тарозни фатҳ қилди, Хуросон амири Амр Лайсни жангда енгди. Амр ибн Лайс асир бўлди. Амр ибн Лайс дейдики, мени асир олганларидан сўнг узоқдан амир Исмоил Сомонийни кўриб, отдан тушмоқчи бўлдим, лекин у ўз жони ва боши билан қасам ичиб: «Отдан тушма!» деди, бундай муомалани кўриб, менинг жоним қарор топди... Менга меҳрубонлик кўрсатди ва сени ўлдирмайман, деб айтди ва узугимни қўлимдан тортиб олган кишидан уч минг дирҳамга сотиб олиб, менга берди (Наршахий, «Бухоро тарихи», Т—1991 йил).
Маълумки Бухоро атрофидаги девор 831 йил Муҳаммад ибн Яҳъё ибн Абдуллоҳ ибн Мансур даврида қурилган. Чунки турк кофирлари Бухоро халқига босқин этиб жабр қиларди. Бу девор «Қампирак девори» номи билан аталган. Лекин ундан олдин ҳам Бухорода девор бўлган экан. Ҳар бир амир Бухоро деворини таъмирлашга сайъ-ҳаракат этар, бунга кўп маблағ ва куч сарфланарди Амир Исмоил Сомоний эса халқни бу қийинчиликлардан қутқарди. У: «Мен Бухоронинг қалъаси, то тирик эканман, Бухорога ҳеч қандай ёв киролмайди!», деди ва у ўз сўзи устидан чиқди. Бухоро шаҳри девори эса 850-йил бино этилди.
Бухорода сомонийлар даврида бой кутубхона бўлган. Амир Нуҳ ибн Мансурдан (ҳукмронлик даври 976—997) ижозат олган Ибн Синр бу кутубхонадан фойдаланган. Сомонийлар даврида жуда кўп илмий ва адабий асарлар ижод қилинди. Агар бу асарлар рўйхатини тизмоқчи бўлсак, кўркам бир китоб бўлур. Бухорода кумуш танга ва дирҳам зарб қилинган. Наршахийнинг ёзишича, Бухорода байт-ут-тироз, яъни тўқимачилик корхонаси бўлган. Бухородан занданича номли матони Шом, Миср, Румга олиб кетганлар. Сомонийлар даврида жуда кўп иншоотлар, обидалар қурилган. Сомонийлар мақбараси Бухородаги энг гўзал, ноёб обидадир. Бу обида ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган. Ривоятга кўра, уни Исмоил Сомоний отаси Аҳмад ибн Асад учун қурдирган. Лекин бу мақбара Сомонийлар хонадонининг даҳмаси бўлди. Мақбарадаги ёзувга кўра, унда Исмоил ва унннг невараси Наср II ибн Аҳмад дафн қилинган. Бу бино куб шаклида қурилган бўлиб, одам ақлини лол қолдирадиган даражада мукаммалдир. Иншоот пишиқ ғиштлар билан бино этилган. Бутун дунёдан келадиган сайёҳлар минг йилдан бери бу обидани ҳайратланиб томоша қиладилар ва ота-боболаримиз санъатига, ақлига, илмига, маданиятига қойил қолнб, таъзим қпладилар.
Тим қишлоғидаги Араб ота мозори, Бухородаги Мағоқи Атторон, Термиздаги Чорсутун масжиди шу даврдан қолган нодир ёдгорликлардир.
Буғрохон қарлуқлар, чигиллар, яғмолар ҳамда Еттисув ва Қашқардаги туркларнипг Ўрта Осиёнинг Шош, Фарғона ва қадимги Сўғд ерлари учун бошлаган жангига раҳбарлик қилди. Қорахонийлар сулоласи сомонийлар сулоласини енгди. 1005 йил бутун Мовароуннаҳр қорахонийлар қўлига ўтди.
Сомонийлар сулоласи ҳукмронлик қилган йиллар қуйидагичадир. Нуҳ ибн Асад (819—842), Аҳмад ибн Асад (842—864), Наср I ибн Аҳмад (864—897), Исмоил ибн Аҳмад (897—907), Аҳмад ибн Исмоил (907—914), Наср II ибн Аҳмад (914—943), Нуҳ I ибн Наср (943— 954), Абдумалик ибн Нуҳ (954—961), Мансур I ибн Нуҳ (961—976), Нуҳ II ибн Мансур (976—997), Мансур II Нуҳ (997—999).
«Тарихи Муллозода»да ёзилган:

Нўҳ тан буданд з-оли Сомон машҳур,
Ҳар як ба валояте шаҳри мазкур:
Исмоилу Аҳмад, ду Насру, ду Нуҳ,
Ду Абдул Малик, ду Мансур.

Таржимаси: Сомонийлар авлодидан тўққизтаси машҳур бўлиб, ҳар бири шаҳарда ҳоким эди. Булар Исмоилу Аҳмад, икки Наср, икки Нуҳ, икки Абдул Малик, икки Мансур.
 
ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ

Улуғ мутасаввуф шоир, олим, файласуф, тарбиячи, авлиё Хожа Аҳмад Яссавий Сайрам қасабасида туғилган. Бу зоти шариф Ҳазрат Султон, Қулхожа Аҳмад; Мискин Аҳмад, Аҳмад ибн Иброҳим, Аҳмад Яссавий тахаллуслари билан ижод қилган ва бутун оламга танилгандир. Яссавийнинг отаси Иброҳим, бобоси Илёс бўлиб, насаблари Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумга бориб тақалади. Онаси Ойша хотун эди. Мавлоно Хисомуддин Сиғноқийнинг ёзишича, Аҳмад Яссавий 130 йил умр кўриб, 1166 йилда марҳум бўлган. Аҳмад Яссавий ёзади:

Одамлардан файзу шукуҳ ололмадим,
Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим.

Хожа етти ёшда отадан етим қолди. У Арслонбоб (Арслонбобо), Юсуф Ҳамадоний, Саид ибн Ваққос, Шаҳобиддин Исфинжобий ва бошқа устозлардан сабоқ олган.
Нақл қилурларки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аҳмаднинг туғилишини олдиндан билганлар. Пайғамбаримиз асҳоби киром ила бир жойга борганда оч қолганлар. Расулуллоҳ дуолари баракотидан Жабраил алайҳиссалом бир тавоқ хурмо келтирадилар. Ўша хурмолардан би донаси ерга тушади. «Бу Сизнинг умматингиздан бири Аҳмад Яссавийнинг насибасидир», деб Жабраил алайҳиссалом уқтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблардан, қай бирингиз бу омонатни эгасига топширишни ўз зиммангизга оласиз, деб сўраганда, ҳеч кимдан садо чиқмабди. Фақат Арслонбоб Аллоҳ таолло инояти ила расулуллоҳнинг бу топшириқларини бажараяжагини билдиради. Табаррук хурмо устига бир парда зоҳир бўлди ва пайғамбар аллайҳиссалом Султон Аҳмад Яссавийнинг шаклу шамойилларини тасвирлаб, ул зот таълими билан шуғулланиш кераклигини Арслонбобга амр этдилар. Йиллар ўтди. Арслонбоб етти яшар Аҳмадни Сайрамда кўриб танийдилар ва салом-аликдан сўнг ёш Аҳмад омонатни сўрайди. Омонат ўз эгасига берилди. (Ҳасанхожа Нисорий ал-Бухорий).
Мираҳмад Мирхолдор ўғлининг «Хожа Аҳмад Яссавий» (Чимкент, 1992) рисоласида келтирилишича, устоз Шаҳобиддин Исфинжобий шогирдларини имтиҳон қилмоқчи бўлибди ва ҳар бирига биттадан товуқни хеч кимнинг кўзи тушмайдиган жойда сўйишни буюрибди. Ҳамма топшириқни бажарган, фақат Аҳмад тирик товуқ билан келиб: «Узр, устоз! Мен ҳамма жойда Аллоҳ таолонинг назарини ҳис қилдим. Шу боис вазифани бажаролмадим», деди. Устоз ёш Аҳмаднинг валийлигига тан бериб, дуо қилибди. (Ҳ. Муҳаммадхўжаев, «Пири Туркистон», «Маърифат» 14 апрел, 1993).
Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат»да ёзадиларки, Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон мулкининг шайхул машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матавалий (ҳайратланарли) ва номаҳсур (чегарасиз). Шоҳу гадо анинг муриди эрди. Баъзи бир нақлларда айтилишича, тўқсон тўққиз минг муридлари бўлган экан. Жумладан Қутбиддин Ҳайдар, Ҳаким ота, Исмоил ота ва бошқа муридлари машҳур. Шайх Разиддин Али Лоло ҳам буюк шайх Нажмиддин Кубро хизматига боришдан олдин ҳазрат Аҳмад Яссавийдан таълим олганликлари ҳақида маълумот бор.
Аҳмад Яссавийга шайхлик хирқасини Юсуф Ҳамадоний кийдирган. Маълумки, Юсуф Ҳамадоний (1048— 1140) Силсилаи шарифдаги тўққизинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланади. Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Бухоройи шарифда бир неча йил яшаганлар. Бухоройи шарифда бу зоти шариф Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийларни тарбиялаганлар.
Аҳмад Яссавий Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифалари бўлиб, бир неча вақт устоз ўрнида Бухородаги хонақоҳда пири муршид сифатида қолиб, толиби илмларга таълим берган, кейин эса Яссига қайтган. Хонақоҳда эса Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халифаси Абдулхолиқ Ғиждувоний қолган.
Аҳмад Яссавий Туркистонга қайтиб, ўз тариқати яссавияга асос солгач, дин ва тасаввуф ғоялари тарғиби учун шеър шаклидан ҳам фойдаланган, яъни муридлар зикр чоғида Яссавий яратган ҳикматларни ҳам ёд ўқишган (И. Ҳаққул).
Аҳмад Яссавий уйланган, ўғли Иброҳим Шайхзода ёшликда марҳум бўлган, қизлари Яссавий авлодларини давомчиси эканлиги тарихий манбааларда дарж қилинган. Улуғ ўзбек шоири Атоий, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга таълим берган Қусам Шайх Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидандир. Шоир Тоҳир Қаҳҳорнинг ёзишича, айни шу кунларда ҳам Хожанинг авлодидан Шаҳобиддин Яссавий Туркияда яшамоқда.
Нақл қилинишича, Султон Аҳмад Яссавий пайғамбар алайҳиссалом ёшларига, яъни 63 га киргандан сўнг ер устини тарқ қилиб, ер остига кирган, қайтиб чиқмаган. Ғорда ҳам ўз шогирдларига дарс берган ва «Девони ҳикмат»ни давом эттирганлари ҳақида маълумот бор. Демак, у ер остига кирганда ҳам дунёвий ишлардан воз кечмаган (Эргаш Рустамов).
Хожа дейдиларки, менинг ҳикматларим кони ҳадисдур. Дарҳақиқат, Яссавий шеърларини ояту ҳадис—ҲИКМАТга айлантирди.
Яссавия тарнқати жаҳрия зикрга асосланган. «Ғиёсул луғот»да «жаҳр—ошкоро кардан ва овоз баланд кардан дар хондан» яъни, ошкор қилмоқ ва баланд товуш билан ўқимоқдир, деб айтилган (253—бет).
«Девони ҳикмат»да ёзилганки:

Мани ҳикматларим кўпларга айтинг,
Дуо такбир қилиб раҳматга ботинг.
Агар ҳикмат ўқуса айюҳаннос,
Эрур фарзанд манга ул толибиннос —

деган мисралар жаҳрияга ишорадур.
Қатағон даврида ҳам яссавийшуносликка муҳим ҳисса қўшган ўзбек олими Эргаш Рустамовнинг таъкидлашича, Аҳмад Яссавий чивиқдан сузғич тўқиш, ёғочдан қошиқ ва чўмич йўниб сотиш билан тирикчилик қилган.
Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат девони» тўрт бобдан: «Дарёи шариат», «Роҳи тариқат», «Қулзуми ҳақиқат», «Дарёйи раҳмат»дан иборатдир.
Шуни таъкидлаш жоизки, қизил империя давридаги исломшунослар яссавия билан нақшбандия тариқатини бир-бирига зид ёки унисини бунисидан устун деб талқин этарди, Уларнинг фикрича, яссавияда тарки дунёчилик, гўшанишинлик устун бўлиб, нақшбандияда эса қўл-меҳнат, дил—Аллоҳ билан банд, дунёни тарк этмай яшашга талқин қилинган. Эмишки, яссавияда тиламчилик қилиш мумкин-у, лекин нақшбандияда тиламчиликка қарши курашилган. Бундай фикр нотўғри. Яссавияда ҳам меҳнат қилиш фарз, текинхўрлик айб, гуноҳ саналган. Аҳмад Яссавий дейдилар: «Шайх ул-дурки, нарзу ниёз олса, уни мискин, ғариб, бечора, етим-есирларга берғай. Агар бу нарзу ниёзни ўзи еса, гўё мурдор ит емишини тановул қилган бўлур.»
Аллоҳ таоло таълимини, пайғамбар алайҳиссалом ўгитларини туркий тилда ёйиш яссавия тариқатининг мақсадидир.
Хўш, нақшбандияда-чи? Бунда ҳам худди шундай. Нақшбандия тариқати таълимоти форс-тожик тилида, яссавия таълимоти туркий тилда бутун оламда тарқалган. Ҳар иккала сулукдагилар бидъату хурофот, жаҳолату нодонлик, босқинчилигу миллатчилик каби иллатларга қарши курашганлар. Зеро, ҳар иккала сулук бошида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом турибдилар. Ҳар икки сулук ҳам сунний мазҳаб ақидаларини ёйган.
Атоқли олим Нажмиддин Комилов таъкидлагани каби, Баҳоуддин Нақшбанд «зоҳирда халқ билан ва ботинда ҳақ билан» шиорини кўтариб чиққан бўлсалар-да, аммо хилватни бутунлай инкор этмаганлар.
Аҳмад Яссавий қабрлари устида соҳибқирон Амир Темур 1395 йил улкан мақбара қурдирди. Унинг салобати, маҳобатини Бибихоним, Оқсарой, Бухоройи шарифдаги Арк, Шайхул Олам (Сайфиддин Боҳарзий) обидаларига тенглаштириш мумкин. Мақбаранинг 35 та хонаси бор.
Айни шу кунларда Қозоғистон ҳудудида жойлашган Яссидаги Хожа Аҳмад мозорлари бутун дунёдан келаётган эътиқод эгалари учун обод ва файзбахш зиёратгоҳ, яссавия таълимоти эса тўғри йўлни топиш учун дастурдир.
 
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103—1179) буюк мутасаввуф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё бўлиб, Хожаи Жаҳон (Жаҳон ҳожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Унинг отаси Имом Абдулжамилдир. Имом Абдулжамил Имом Молик (713—795) авлодларидан ҳисобланади. Имом Абдулжамил асли Румлик. Хожа Абдулхолиқнинг онаси подшоҳ авлодидан бўлган.
Хожа Абдулхолиқ Бухоро вилоятининг Ғиждувонида туғилган ва шу ерда марҳум бўлган. Хожанинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида. Онасининг оёғи томонида кўмилган. Бу зиёратгоҳ ёнида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг чиллахонаси, ҳужралари бўлган. Кексаларнинг айтишича, қирқ зинали тарихий нарвон ҳам бор экан. Ҳозир нарвон, чиллахон йўқ, лекин тош-қудуқ бор. Шунингдек, Хожа Абдулхолиқ қабри ёнида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса ҳозирги кунгача сақланган. Мозорнинг шимолида жомеъ-масжиди ҳам қурилган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Ҳазрат Хизр алайҳиссалом, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмий (бу киши Бобойи Лақлақаги номи билан машҳур)лардан таълим олган.
Хожага ҳазрат Хизр зикри хуфия таълимини ўргатганлар. Хожа Юсуф Ҳамадоний «Силсилаи шариф»да тўққизинчи халқанинг пири ҳисобланади. Юсуф Ҳамадоний (1140 йил вафот қилган) Шайхулшуюх, Қутбул аср, шоҳ Ҳамадоний деб эъзозланган. Ул зоти шарифнинг исми Абу Яъқуб Юсуф бин Агоб бин ал Ҳусайн бин ал Бахора ал Ҳамадонийдир.
Юсуф Ҳамадоний пиёда 37 марта ҳаж қилгани, умрида Қуръони каримни минг марта хатм этгани ҳақида маълумот берилади.
Хожа Юсуф Бағдод, Исфаҳон, Бухорода таълим олган. Ул зотнинг устодлари Абу Исҳоқ, Абу Абдуллоҳ Жувайний, Шайх Абу Али Фармадийлардир.
Носириддин Тўра ибн Амир Музаффар ал-Ҳанафий ал-Бухорийнинг «Туҳфат аз-зойирин» китобида ёзилишича, Юсуф Ҳамадоний бирор шаҳарга борсалар, ўша жойдаги шароблар ўз-ўзидан сиркага айланар экан. Бу Юсуф Ҳамадоний кароматидан нишонадир.
Юсуф Ҳамадоний Бухорода Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийларга сабоқ берган.
Нақл қилишларича, Юсуф Ҳамадонийнинг етти юздан ортиқроқ шогирдлари валийлик даражасига етган, ул зоти шариф саккиз минг бутпарастни исломга даъват этиб, мусулмон қилган экан.
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Рисолаи соҳибия», «Рисолаи Шайхушшуюх ҳазрат Хожа Абу Юсуф Ҳамадоний», «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» асарлари машҳурдир. Абдулхолиқ Ғиждувоний маънавий фарзанди Авлиёи Кабирга ёзиб қолдирган насиҳатлари бир неча асрлардан бери нақшбандия тариқати муршиду муридларига йўлчи юлдуз каби хизматда.
Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнул ҳаёт» китобида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг рашҳа (томчи)лари келтирилган. Кейинги пир-устозлар мазкур рашҳаларни асраш ва келгуси авлодга етказиш, шунингдек уларни изоҳлаш ва ёйишни ҳамда уларга амал қилишни ўз вазифалари, бурчлари деб билганлар.
Муъин ал фуқаро Аҳмад ибн Маҳмуд Муллозода китобида қайд қилинишича, Садр ал Кабир Бурҳониддин (1196 йил марҳум бўлган) Хожаи Жаҳоннинг муриди бўлиб, Бухородаги масжиди Баланд ва Сўзангарон масжидини қурдирган.
Абдулхолиқ Ғиждувонийни Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир, Хожа Сулаймон Карманий, Хожа Ориф ар-Ревгарий (Хожа Ориф Моҳи Тобон) исмли халифалари бўлган.
Хожа Абдулхолиқнинг руҳлари Ҳазрат Баҳоуддинни тарбият қилган.
Хожаи Жаҳоннинг Авлиёи Кабирга қилган насиҳат-васиялари бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Бу насиҳатларга ўз вақтида Баҳоул ҳақ вал-миллат вад-дуёуд—дин Нақшбанд ал Бухорий қай даражада эътиқод қўйиб, риоя қилган бўлса, айни шу кунда ҳам бутун дунёдаги нақшбандия пиру муридлари шундай амал қилмоқдалар.
Абдулхолиқ Ғиждувоний дейдиларки: «Эй фарзанд! Илм ўрган, унга амал эт. Тақволи бўл!» Бу ҳикмат пайғамбар алайҳиссаломнинг «Имон билан амал бир-бирига жуда яқиндир. Улар бир-бирисиз дуруст эмас» ҳадислари ҳосиласидир. «Фақат илмнинг ўзи билан кифояланиб юриш, бу—шариатни инкор этувчилар эътиқодидир. Улар илм ҳосил бўлса-ю, амал бўлмаса — бу каби илмдан фойда йўқлигини билишмайди. Ҳолбуки, ўқиб ўзлаштирган илмига амал қилмаган одамларнинг қиёмат кунидаги азоби икки ҳисса кўпдир», деб Имом Ғаззолий таъкидлаганлар.
Хожаи Жаҳон тариқат йўлига кирмоқчи бўлганларга ҳеч қандай мансаб, ҳатто имомлик, муаззинлик мансабларини тамаъ қилмасликни тайинлаган. Шунингдек амир, шаҳзодалар, бойлар билан ҳамсуҳбат бўлмоқ, уларнинг кошоналарига бориб келмоқни манъ қилган. «Бойларнинг уйига камроқ боринглар, акс ҳолда Тангрининг сизга берган неъматини писанд қилмайдиган бўласиз». «Кимеки подшоҳлар саройига тез-тез қатнайдиган бўлса, фитнага қолади», деб пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини хатардан огоҳлантирганлар.
Ҳонақоҳда ўтириш, самоъни тинглашни ҳам устоз Абдулхолиқ Ғиждувоний манъ этди. Самоъ—куй тинглаб, қўшиқ куйлаб Аллоҳни зикр этиш, шунингдек завқу шавққа берилиб баланд товуш билан Аллоҳни зикр этишдир. Мавлавия тариқатининг асосчиси Жалолиддин Румий тариқатлари самоъга асосланган.
Абухолиқ Ғиждувоний ёзади:

Инкор макун самоъу мақбул мадор,
Илло зи касе, ки зиндадил бошад ёр.
Гар нафси ту мурда нест, аз шуҳрату оз,
Бо савму салот бошу дигар бигузор.

Мазмуни: самоъни сен на инкор қил, на уни қабул айла. Агар сен зиндадил бўлсанг, яъни Аллоҳ йўлида нафсингни ўлдирган бўлсанг ҳақиқий йўлни танла. Агар шуҳрату шон талабида эрсанг, яъни нафсинг ҳануз ўлмаган бўлса, фақат намозу рўза ила машғул бўл, ўзга ишни қўй.
Иккинчи рубойисида Абдулхолиқ Ғиждувоний самоъга майл билдирмоқчи бўлганларга танбеҳ беради:

Эй сўфии соф, ки куни майли самоъ,
Ҳосил зи самоъ, чун нифоқ асту низоъ.
Ё тарки самоъ кун, ки софй гарди,
Ё он, ҳаёти дили худ соз видоъ.

Мазмуни: эй покиза суфий, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо ҳосилини олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла, ёҳуд кўнгил ҳаёти билан видоъ эт, яъни ҳаётинг хавф остида қолади, шундан эҳтиёт бўл.
Нақшбандия тариқатида шу сабаб самоъга амал қилинмайдп. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддан самоъга бўлган муносабати сўралганда, ул зот: «Мо ин кор намекунем, инкор намекунем», деб жавоб берган. Яъни, биз на бу ишни қиламиз, на уни инкор этамиз.
Нақл қилинишича Абдулхолиқ Ғиждувоний муридлари билан суҳбатлашиб турганда бир бегона йигит хонакоҳга кирди. У зоҳидлар суратида, эгнида хирқа, кифтида сажжода (жойнамоз) ва бир гўшада ўлтурди. Ҳазрат Хожа анга назар қилди. Ул йигит дедики, Ҳазрат Расулуллоҳ айтқон ҳадиснинг сирри недур? Алар дедиларки, ҳадиснинг сирри будурки, хирқанг остидаги зуннорингни кесиб иймон келтиргайсен. Ул йигит филҳол зуннорини кести ва иймон келтурди ва ҳазрати Хожа асҳобга боқиб, дедиларки, эй ёронлар, келингки, андоқки зоҳир зуннорини кесиб бу наваҳд йигит иймон келтурди, биз ҳам ботин зунноримизки иборати ужб (манманлик, кибр) дандир қатъ (кесиб) этуб, иймон келтурали, то андоқки, ул омурзида бўлди (яъни гуноҳи кечирилди), биз доғи омурзида бўлали.
Ажаб ҳолате асҳобга зоҳир бўлди. Хожанинг оёғига тушарлар эрди ва тавбаларини тоза қилурлар эрди. (А. Навоий.)
Хожа Абулхолиқ Ғиждувоний «Силсилаи шариф»даги ўнинчи халқа пиридир. Ўн учинчи халқа пири ҳазрат Хожа Али Рометаний дебдурки, агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний фарандларидан (яъни шогирдларидин) бир бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дор остига бормагай эрди.
Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси Хожа Ориф ар Ревгарийнинг «Орифнома» номли асари яқинда топилди.
Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳларини қатағон йилларида ҳам одамлар тарк қилмаган. Мустақиллик шарофатидан эса ҳозир бу зиёратгоҳ янада обод бўлди.
 
ПАҲЛАВОН МАҲМУД

Паҳлавон Маҳмуд (1247—1326) — улуғ шоир, мутафаккир, файласуф. Хивада туғилган.
Шамсиддин Сомийнинг «Қомус-ул-аълом», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада» асарларида, шунингдек «Маноқиба»да ёзилишича, Паҳлавон Маҳмуд олим, шоир, кураги ерга тегмаган паҳлавон, шу билан бирга пўстиндўз ва телпакдўз уста бўлган.
Унинг «Канзул ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар хазинаси») номли маснавий яратгани ҳақида маълумот бор. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари машҳурдир. Шоир ўз рубоийларини форс-тожик тилида ёзган. Бу дурдоналар асрлардан асрга ўтиб, бир неча авлодни тарбиялаб, бнзнинг замонгача етиб келди.
Тарихда Паҳлавон Абусаид Румий (XV аср), Паҳлавон Маҳмуд Ўшшоқ (XV аср) каби алломалар номи ҳам маълумдир. Ҳар уччалалари ҳам майдонларда кураш тушгани учун Паҳлавон деган ном олганлар.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўзбекчага Тўхтасин Жалолов, Муинзода, Васфий, Матназар Абдулҳаким, Эргаш Очиловлар таржима қилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини топиб, уларни нашр этишда зукко олим, моҳир таржимон Тўхтасин Жалоловнинг хизмати беқиёсдир.
Тўхтасин Жалолоцнинг ёзишича, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг Муҳаммад Раҳимхон Феруз, шунингдек Ҳасан Мурод Қори ва бошқа хаттотлар томонидан кўчирилган нусхалари ҳам бор экан. «Ҳазрат Паҳлавон ҳикоятлари», «Маноқиби Паҳлавон Маҳмуд» каби рисолалар аллома ҳаёти ҳақида хабар беради.
Уни Хоразмда Паҳлавон Маҳмуд, Полвонпир десалар, китобу тазкираларда ҳазрат Паҳлавон, Маҳмуд Пирёрвалий, Маҳмуд Пурёвалий деб тилга олганлар. «Оташкада» ва «Қомус-ул-аълом» да таъкидланишича, Паҳлавон Маҳмуднинг жанговарлигини, жасурлигини билдирувчи «Қитолий» тахаллуси ҳам бўлган. Чунончи:

Дасте намерасад чу Қитоли ба зулфи ёр,
Қувват зи по-у зўр зи бозу ниҳодаем.

Мазмунн: Қитоли каби қўлимиз ёр зулфига етмас, гарчи бор қувват билан ҳаракат этамиз.
«Ғиёсул луғот»да: «Пурёйвалий—Маҳмуд Хоразмийнинг лақаби. Баъзан бу сўз мажозий маънода паҳлавонлар бошлиғи ҳисобланадиган кекса полвонга ҳам берилган», деб ёзилгандир.
Эрон олими Саид Нафисий: «Футувват—жувонмардлик гуруҳининг пешволаридан бири машҳур шоир Паҳлавон Маҳмуд Хоразмийдир», дейди.
Дарвоқе, Паҳлавон Маҳмуд пўстиндўз ва телпакдўз дедик, чунки у тариқат пирларидан эди. Ҳазрат Баҳоуддин матога гул солиш касби билан машҳур бўлган. Зеро, тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, шундан ризқ-рўзларини ўтказган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман деб хато ва муболағага берилманг, уни тирикчилик воситаси қилиб, молу дунё орттиришга ҳам ўтманглар» ҳадисларига тариқат пирлари амал қилган. «Арқон олиб тоғдан ўтин териб, уни сотиб, ризқ-рўзисини топадиган ва садақа қилган одам, тиланчилик билан кун кечиргандан яшироқдир», деган ҳадис текинхўрликка, таъмагирликка қаршидир.
Паҳлавон Маҳмуд ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Бу ривоятларни халқимиз дуру гавҳар каби асраб келмоқда.
Нақл қилпнишича, Паҳлавон Маҳмуд Эрон ва Ҳиндистонда анча йиллар яшаган. Маъракаларда кураш тушган ва уни ҳеч ким енга олмаган. Паҳлавон Маҳмуд олийҳиммат, мард, сахий, ватанпарзар инсон бўлган.
«Маноқиба»даги хабарга кўра, Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистон халқи томонида туриб, Ҳиндистон душманларига қарши жангда иштирок этибди. Жанг пайти ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, Ҳинд шоҳп Рай Ропой Чўнани ўлимдан қутқаради. Шунда шоҳ Паҳлавон Маҳмуднинг бу жасорати, мардлигини тақдирламоқчи бўлиб: «Тила тилагингни!» — дебди. Паҳлавон Маҳмуд: «Эй буюк шоҳ! Бундан анча йиллар муқаддам менинг ватандошларим—хоразмийлар бу ерга асир қилиб олиб келинган. Ўшаларни озод этсангиз. Бирдан бир тилагим шу!»—дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: Эй ҳиммати баланд паҳлавон! Агар ярим давлатимнн тилаганингда эди, уни гап-сўзсиз сенга инъом қилган бўлурдим. Агар соҳибжамол қизимни ўз никоҳингга олмоқни сўраганингда эди, сени ўзимга қуёв этиб, тожу тахтимни сенга бағишлаган бўлурдим. Зеро, жасоратинг улкан мукофотга муносибдир. Майли, тилагингни бажо келтирдим. Ватандошларинг озод! Уларни Хоразмга боргунларича егулик озиқ-овқат, кийим-бош, улов билан таъминлашни ҳам буюраман!»—дебди.
Паҳлавон Маҳмуд шоҳга қараб қуйидаги рубоийсини ўқибди:

Ўз нафига ким бўлса амир, улдир — мард.
Ҳам ўзгага бўлмаса ҳақир, улдир — мард.
Ўтмак сира мағлубни тепиб мардлик эмас,
Тутса қўлидан забунни эр, улдур — мард.
Э. Очилов таржимаси.

Шоир рубойисини - эшитган шоҳ қойил бўлиб, унга сарпо ва улов инъом қилибди.
Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистондан ўз ватандошларини олиб Хоразмга қайтган. Мўғул-тотор босқинчиларига қарши жангда шаҳид бўлган ватандошлари қабри устида шоир ўз маблағи ҳисобидан мақбара қурдирган ва у ерни обод зиёратгоҳ этган.
Шарқда рубоий ёзмаган шоир йўқ ҳисоби. Лекин Хайём, Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари жаҳонда кенг шуҳрат қозонган.
Ўзбек шоирларидан Лутфий, Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг ҳам рубоийлари бор. Ғарбда эса Иоҳан Вальфганг Гёте, Граф фон Платен, Фридрих Рюккертлар немисча рубоий ёзган. Улар рубоийлари Румий, Саъдий, Ҳофнз, Жомий ижоди таъсирида яратилгани исбот этилган.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларига ўзининг сўфиёна қарашларини сингдирган.
Шоир асарлари қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар Академияси шарқшунослик институтида кўз қорачиғидек асралмоқда ва олимлар томонидан тадқиқот этилмоқда.
Паҳлавон Маҳмуд марҳум бўлгандан сўнг, қабри устига ватандошлари пуршукуҳ мақбара қурганлар. Бутун оламдан ёғилиб келаётган сайёҳлар пиримиз, улуғ шоир, мард инсон қабрини зиёрат қиладилар. Мақбара деворларига, пештоқларига шоирнинг рубоийлари дарж қилинган. Бу зиёратгоҳ Хивада «Ҳазрати Паҳлавон» номи билан машҳур.
Қейинчалик устоз Паҳлавон Маҳмуд мақбараси атрофида Хоразм хонларидан Абдулғозихон, Шоҳниёзхон, Муҳаммад Раҳим I, Темур Ғозихон ва бошқаларни васиятларига кўра дафн қилганлар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида Қуръони карим ва Ҳадиси шариф таъсири кучли. Зеро, Шарқдаги деярли барча шоирлар бу икки улуғ манбаъдан баҳраманд бўлиб, ижод қилгани сир эмас. Паҳлавон Маҳмуднинг мардликни тараннум этувчи юқоридаги рубойиси пайғамбар аллайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси муборакларини эслатади: «Кучлилик курашда йиқитиш эмас, ғазаби келганда ўзни босиб олишдир», ёки «кучлилик нафсни тийишдир», ёҳуд «бойлик молу дунёнинг кўплиги билан эмас, нафснинг тўқлиги биландир».



РУБОИЙЛАР

Умримиз дарахтин паст қилма, Раббий,
Борлиқ шаробидан маст қилма, Раббий.
Ўзинг карам бирла мард йигитларни
Нокасларга зери даст қилма, Раббий.

* * *

Кўнгил оппоқ, на кек ва гинам бор,
Душманим кўп ва лекин мен ҳаммага ёр.
Мевали дарахтман, ҳар бир ўткинчи
Тош отиб ўтса ҳам менга бўлмас ор.

* * *

Жаҳон, чеҳра — рангу рўйи ўзингсан,
Ақл дарё — унинг суйи ўзингсан.
Гул баргида шабнамдайин ўтирма,
Бу боғчанинг рангу бўйи ўзингсан.
Тўхтасин ЖАЛОЛОВ таржималари.

* * *

Эй дўст, қани айт, жонми керак, жон берайин мен.
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.

* * *

Қалбингдаги шак-шубҳа, гумон кетмишдир,
Руҳ қуввати ҳам бир кун, инон, кетмишдир.
Топдим деб аниқ нишонни мағрурланма,
Топган у нишонинг бенишон кетмишдир.

* * *

Гар ҳақ дея жим тортса фиғон дўст — чин дўст,
Қилгувчи ибодатки ниҳон — чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида жон дўст — чин дўст.

* * *

Боғману бағримда чаман — нолаларим,
Дардимни билиб бош эгди лол лолаларим.
Икки кўзим икки улуғ дарёдир,
Қолган бари дарёлар эса болаларим.
Матназар АБДУЛҲАКИМ таржималари.
 
ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД

Ҳазрат Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин 1318 йил Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғи (Когон тумани) да туғилиб, 1389 йил шу ерда марҳум бўлганлар. Қабрлари Қасри Орифонда зиёратгоҳдир.
Ҳазрат Баҳоуддин улуғ авлиё, беназир устоз, улкан файласуф, зукко шоир, моҳир мато тўқувчи ва матога нақш солувчи (Нақшбанд) сифатида тарихда қолган— элу элатлар, халқу миллатлар дилидан жой олган зот ҳисобланадилар.
Ҳазратнинг исмлари Муҳаммад, оталари Муҳаммад Жалолиддин, боболари эса Саййид Бурҳониддиндир. Ҳазрат Баҳоуддин Хожа Баҳоуддин, Хожаи Бузург (Улуғ Хожа), шоҳи Нақшбанд номлари билан бутун оламга маълум ва машҳур. Бу зоти шариф насаблари ота томонидан Ҳазрат Али разияллоҳу анҳумга, она томонидан эса Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумга бориб тақалади.
Бу кишига нега Шаҳи Нақшбанд исми берилган?

Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч — ҳеч мо ғам не.
Жанда дар пушту пушт гўристон
Гар мирем мо, ҳеч мотам не.
Таржимаси:
Ҳеч нарсамиз йўғ-у ҳеч нарсадан камимиз ҳам йўқ,
Ҳеч нарсанинг йўқлигидан ҳеч ғам ҳам йўқ.
Жандамиз елкада-ю, ортнмнзда гўристон
Ногаҳон ўлсак, ҳеч мотам ҳам йўқ —

каби байтларни Ҳазрат Баҳоуддин яратиб, ўз таржимаи ҳолларини, ҳаёт йўлларини шу байтлар мағзига сингдирганлар. Ҳеч нарсаси йўқ киши қандай қилиб шоҳ бўлсин? Бу савол жавобини Муҳаммад Боқир яратган «Мақомоти шоҳи Нақшбанд» китобидан топиш мумкин. Маълумки, Муҳаммад Боқир бу китобни 1404 йилда ёзган. Муаллиф сўзбошида таъкидлаганки, асар ҳазрат Баҳоуддиннинг халифалари Алоуддин Аттор ва Хожа Муҳаммад Порсо нақллари асосида яратилган. Демак, бу китобга киритилган воқеа, ривоят, ҳикоят, ҳикматлар тўқима эмас экан. Ҳаммаси ҳужжат ва далиллар асосида ёзилган.
Нақл қилурларки, ҳазрат хожамиз дедилар: замона қутблари ва автодлари Шомда жам бўлиб, мени оқ кигиз узра олдилар ва атрофимни ўраб олган кўйи буюк бир тахтга ўтирғиздилар. Бундан кейин менда ҳеч бир ғам бўлмагай.
Мазкур нақлдан кўриниб турибдики, Ҳазрат Баҳоуддин барча авлиёларнинг шоҳи бўлган экан. Ҳазратга Нақшбанд номини берганларига икки сабаб бор. Бир шуки, бу зоти шариф кимхога, яъни матога нақш солнш (гул солиш) касби билан шуғулланган. Иккинчиси эса, нақл қилинишича, Ҳазрат Баҳоуддин ким билан суҳбатлашсалар, шу суҳбатдан сўнг Аллоҳнинг номи ўша одам қалбига нақшланиб қоларкан. Шу сабаб бу кишига Нақшбанд унвони берилган. Бу тариқатдан мурод шулки, Аллоҳнинг номини юракда нақш этишдир. Нақш банд бар дил банд, яъни Аллоҳ номини кўнглингда нақш эт.
Ҳазрат Бобойи Самосий ҳазрат Баҳоуддиннинг дунёга келишларини олдиндан айтган. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий силсилаи шарифда ўн тўртинчи халқанинг пири муршиди. Бу зоти шариф боғбонлик билан шуғулланган. Бобойи Самосий Бухоро яқинидаги Рометан тумани Самос (Симос) қишлоғи (ҳозирги Ўзбекистон жамоа хўжалиги)да туғилиб, 1354 йил шу ерда марҳум бўлганлар. Қабрлари Самос қишлоғида обод зиёратгоҳдир. Бобойи Самосий боғбон бўлиш билан бирга улуғ устоз ҳам эдилар. Баҳоуддин туғилгандан сўнг, у кишини Бобойи Самосий фарзандликка қабул қилиб, Баҳоуддин тарбияси билан шуғулланишни шогирдлари ҳазрат Мир Кулолга топширганлар. Ҳазрат Мир Кулол бу вазифани тўлиқ адо қилган. Мир Кулол силсилаи шарифда ўн бешинчи халқанинг пири муршиди. Баҳоуддинга тариқат одоби, зикр таълимини ҳазрат Мир Кулол берган бўлсалар-да: «Ботин юзасидин пиримиз Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар», деб Баҳоуддин таъкидлаганлар. Зеро Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103—1179) руҳлари Баҳоуддинни тарбият қилган экан. Шу боис Ҳазрат Баҳоуддин Увайсий ҳисобланадилар. Қай зот ўтганлар руҳидан сабоқ олган бўлса, унга Увайсий номи берилур. Бу ҳақда «Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да тўлиқ маълумот бор. Силсилаи шарифда ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ўнинчи халқанинг пиридирлар. Шунингдек, Ҳазрат Боҳоуддин Хожа Ориф Деҳа-Деггароний, турк шайхларидан Қусам Шайх (бу зоти шарнф Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидан), Халил Оталардан ҳам таълим олганлар.
Ҳазрат Баҳоуддин ўз тариқатлари моҳиятини шундай тушунтириб берганлар: «Бизнинг тариқатимиз урваи вусқодир (мустаҳкам тутқич), яъни Ҳазрат Расул салоллоҳу алайҳи васаллам мутобиатлари этагидин тутмоқ ва саҳобаи киром меросига эргашмоқдир. Ҳар ким бизкинг тариқатдан юз ўгирса, динида хатар кўради». Яна Ҳазрат дсганларки, бизнинг тариқимиз суҳбатдур. Яъни, у киши суҳбат орқали шогирдлар, асҳобларни тарбият қилган. Дарвоқе, пайғамбар алайҳиссалом ҳам худди шу йўл билан исломни оламга ёйганлар-ку! Нақшбандия тариқатидан мақсад эҳёус-суннадир, аниқроқ қилиб айтганда пайғамбар алайҳиссалом суннатларини қайта тирилтириш — тариқат пирларининг ўз олдига қўйган мақсадидир. Баҳоуддин дейдиларки, хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офат, хайрият жамиятдадур, бу шарт билаки, бир-бирига жафе бўлғай.
Демак, бу тариқатда хилватнишинлик йўқ, балки зоҳир юзасидан халқ билан, ботиндин Ҳақ Субҳонаҳу Таоло билан бирга бўлиш, яъни дил ба ёру даст ба кор —кўнгил ҳақ билан, қўл иш билан банд бўлсин, шиорига амал қилинган.
Нақшбандия тариқатида мутаассиблик йўқ. У барча миллат, барча ирқдагиларга дастурул амал бўла олади. Рост йўл, тўғри йўлни топа олишда қибланамо вазифасини ўтайди.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд дедилар: «Мақсад талаби йўлида ҳимматингиз онқадар бўлсинки, башарти менинг бошимга оёқ қўйиб ўтишга тўғри келса ва сиз ўтмасангиз — асло кечирмасмен».
«Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да ёзилишича, ҳазрат Баҳоуддин: мен Шайх Жунайд, Шайх Шиблий, Шайх Мансури Ҳаллож, Султон Боязид чиққан мақомларга кўтарилдим, дейдилар. Ҳазрат Баҳоуддин таъкидлаганларки, талаб овонида икки маротиба Мансури Ҳаллож сифати менда пайдо бўлди ва икки маротиба ҳам дор остига бориб, сендай бошнинг жойи дордир, дедим. Илоҳ инояти билан бу мақомдан ўтдим.
Ҳазрат Азизон (хожа Али Рометаний) қуддиса сирриҳу дебдурларки агар ер юзида Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний фарзандларидан бир бўлганда эди. Мансур ҳаргиз дорга осилмасди.
«Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да Ҳазратнинг кароматлари, таржимаи ҳоллари, ҳикматли гаплари ва байтлари дарж қилинган. Шу табаррук китобда нақл қилинишича, бир дарвиш келиб ҳазрат Хожамиз—яъии, Баҳоуддинга Бухорода сувсизлик оқибатида полиз; хароб бўлиш арафасида турганлигини билдирибди. Ҳазрат хожа полиз бошига борибдилар ва буюрибдилар: «Полизга сув бериш маҳали бўлибди, сув йўлларини тузат. Мен у киши буюрганларидек қилдим. Лекин дарё қуриган, ариқда ҳам сув йўқ эди. Хожа дедилар: Ҳақ Субҳонаҳу Таоло сув бермоққа қодир. Субҳидам қарасам, полиз сероб бўлибди, ёнидаги сабзи, пиёз экилган ерлар ҳам сувдан тўйибди. Мушоҳада этиб кўрнлса, на ариқ, на дарёда бир қатра сув бор эрди.»
Нақл қилурларки, Ҳазрат Хожамиз Байтуллоҳ (Каъба) зиёратига борганлар. Ўшал кун ҳожилар қурбонлик қиларди. Хожамиз дедиларки: «Яккаю ёлғиз ўғлимиз бор, шу ўғлимизни Аллоҳ йўлида қурбон қилдик.» Ҳазрат Хожа хизматларида бўлганлар шу кунни шу дақиқани тарих сифатида қайд қилганлар. Бухорога келганларидан сўнг маълум бўлганки, Ҳазратнинг лафзларидан бу калом чиққан заҳот ўғиллари марҳум бўлган экан.
Нақл этурларки, Шайх Амир Ҳусайн вафот қилгандан сўнг бир дарвиш шайхни тушида кўриб, сўраган: «Эй Шайх Ҳусайн, азизлар (яъни Мункар ва Накир)га қандай жавоб бердинг?» Шайх деди: «Ул азизлар савол-жавобга келди, лекин ҳазрат Баҳоуддин пайдо бўлиб, қўлимдан тутдилар ва савол-жавобдаи олдин мени ўзлари билан бирга олиб кетдилар.» Ҳазрат бир неча (баъзи нақлга кўра уч)марта ҳажга борганлар.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд «Далелул ошиқин»,, «Ҳаётнома» номли китоблар муаллифи ҳисобланадилар.
Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи ва етук халифалари Хожа Алоуддин Аттор (Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Бухорий) бўлганлар. Бу зоти шариф 1400 йил вафот этган. Мозорлари Хисори Шодмон (Душанбе) вилояти, Чағониён тумани, Деҳинав қишлоғидадир.
Иккинчи халифалари Хожа Муҳаммад Порсо (1419 йил вафот қилганлар) бўлиб, бу кишининг исмлари Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофиз ал Бухорийдир. Хожа Порсонинг қабрлари Мадинада. Хожа Алоуддин Ғиждувоний учинчи халифа, Шайх Пирмастий, Хожа Абулқосим Бухорийлар Ҳазратнинг асҳоблари бўлган.
Нақл қилурларки, Баҳоуддин дедиларки, Султонул Орифин (яъни Боязид Бастомий) айтибдурлар: «Бу йўлга кирганлар ҳар қанча юрган билан, аларнинг охирги қадами бизнинг биринчи қадамимизга баробар келур». Баҳоуддин буюрибдурларки, ғайрат юзасидин ҳақ Субҳонаҳу Таоло суҳбати ҳаром бўлсин ул кишигаки, унинг биринчи қадами Боязиднинг охирги қадамига егмаса ва дедиларки, биз интиҳони ибтидода дарж қилдик.»
Мазкур нақлдан Ҳазрат Баҳоуддиннинг даражалари нақадар олий эканлиги кўриниб турибди.
Тариқати Нақшбандия зулматда қолганларга нур, йўлини йўқотганларга қибланамо, адашганларга йўлчи юлдуздир. Одамни ер юзидаги офатлардан омон сақловчи, инсон фарзандига илашиши мумкин бўлган иллатлардан муҳофаза этувчи, икки дунё саодатига эриштирувчи тариқат ҳисобланади.
Аллоҳ тавфиқ берсин, тавбамизни қабул этсин. Омин.
 
АМИР ТЕМУР

Амир Темур (1336—1406) улуғ саркарда, нозиктаъб руҳшунос, қонуншунос, атоқли давлат арбобидир. У Кеш (Шаҳрисабз) даги Хожа Илғор (ҳозирги Якка Боғ туманидаги) қишлоқда туғилган. Амир Темурнинг отаси Амир Тарағай бадавлат бўлиб, Қозонхон (1333—-1346) ҳузурида соҳибмансаб эди. Кеш ва унинг атрофи эса Амир Тарағайнинг акаси Хожа Барлос қўли остида бўлган.
Темурнинг «Таржимаи ҳол»ида ёзилган: «Отам менга дедики, бир кун тушимда юзидан арабга ўхшаган бир ёш, кўҳлик йигит келиб қилич берди. Мен қилични ҳавода ўйната бошладим, ўшанда анинг пўлат тиғини ялтирашидан буткул олам ёришди.
Мен Амир Кулолдан бул туш таъбирини сўрадим. Амир Кулол бу тушимни ғаройиблигини, Аллоҳ менга бир ўғил ато қилишини ва у буткул дунёни забт этиб, ҳаммани исломга ўтказишини, ғафлат зулматидан халос қилишини айтди. Туш рост бўлиб чиқди. Аллоҳ, менга сени ато этди».
Амир Темур ёшлиги Кешда ўтди. У 1361 йилда Кеш ҳокими бўлди. Ҳофиз Абрунинг ёзишича, Темур турк, араб ва Эрон тарихини чуқур билган ва амалий жиҳатдан фойда келтирадиган ҳар қандай илмни қадрлаган.
«Темур қадди қомати келишган киши эди. Унинг бўйи новча, пешонаси кенг, калласи катта, овози гулдиракдай эди. Зўр жисмоний кучи қадар ботирлиги ҳам бор эди. У ўлимни писанд айламасди... Ёлғонни жинидан ёмон кўрар, ундан жирканарди. Ҳазил-мутойиба билан унинг кўнглини олиб бўлмасди. У ўз ҳузурида қароқчилик, қотиллик ва зино ҳақида сўйлатмасди. У тўғри сўзннинг гадоси эди, нечоғлик аччиқ ва аламли бўлмасин, бор ҳақиқатни тинглашдан бўйин товламасди». (Ибн Арабшоҳ).
«Темур тузуклари»да ёзилишича, Саййид Барака, Зайниддин Тойбодий, Шамсиддин Кулоллар Амир Темурга пир бўлган. Шамсиддин Кулол Ҳазрат Амир Кулол Сухорий ал Бухорийнинг шогирдларидир. «Мақомоти Мир Қулол»да нақл қилинишича, Амир Темур Ҳазрат Мир Кулолнинг дуо ва ўгитлари шарофати билан жаҳонгир бўлди. Мир Кулол, доимо адл ва тақвони рўзғорингиз шиори айланг, деб насиҳат қилган экан. Дарвоқе, Темур қўлидаги узук кўзида «Рости—расти»— яъни, нажот тўғриликдадир, деган ёзув бўлган. Ул узук кўзини ҳам пири унга ҳадя қилган эди.
Амир Темур ҳақида Ғарбу Шарқда жуда кўп китоблар битилган. Бу асарларнинг бир қисми тарихий бўлса, бошқаси бадиийдир. Албатта, бу китоблар ичида бир-бирига зид фикрлар ҳам бор. Баъзисида Темур тўкис инсон, ўзгасида эса жоҳил шоҳ сифатида тасвирланган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул мақдур фи ахбори Темур» («Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари»), Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи Саъдайн ва Мажмаи баҳрайн», шунингдек Ибн Халдуннинг, Хурдодбеҳ, Ибн Мисквайхнинг Шарқда, Ғарбда эса Клавихо Руи Гонзелес («Буюк Темур»), инглиз шарқшунос олимаси Хильда Хукэм, олмониялик Ганс Роберт Ромер, фарангистонлик Жан Поль Рокс, америкалик Жон Вудис ва Беатрица Манэнинг асарлари машҳур ва маълумдир.
Й. В. Гёте ўзининг «Ғарбу Шарқ девони»да (1819 йил) бир бобни «Темурнома» деб атаган.
ХVI асрда лотин тилида «Скифлар шоҳи Темурланг» китоби чоп этилди. Кристофор Марло инглиз тилида «Улуғ Темурланг» драммасини 1587 йилдаёқ ёзган.
Атоқли ўзбек муаррихи Бўрибой Аҳмедовнинг таъкидлашича, хорижлик драматург ва артистлар ўз театри саҳнасида Амир Темуршшг ёрқин образини яратишган. Фарангистонлик ҳайкалтарош унинг кичик ҳайкалини олтиндан қуйиб, турли музейларда намойиш қилган.
Амир Темурнинг буюк қонуншунос ва давлат арбоби эканлиги «Темур тузук»ларндан аён. Темур ўз тузукларида дейдики, қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў эътиборли кишиларини азиз тутдим, саййидлари (яъни пайғамбар алайҳиссалом авлодлари), уламолари, фузало ва машойихларига таъзим бажо келтирдим, ҳурмат зтдим ва уларга суюрғол вазифалар бериб, маошларини белгиладим, ўша мамлакат улуғларини оға-иниларимдек, ёшлари ва болаларини бўлса ўз фарзандларимдек кўрдим.
Ўзбек тарихчи олими Ашраф Аҳмедовнинг таъкидлашича, Темур «қонхўрлиги» ҳақида сталинизм жарчиларининг «тадқиқот»ларига Қлавихонинг бир хабари сабаб бўлган. Темур «беш йиллик уруш» (1392— 1396) даврида Туркиянинг шарқидаги Силвасни забт этиб, Сурияга ўтаётганда кўчманчи оқ татар номли элатга дуч келади. Ва жангда Темур уларни енгади ва кўпларини асир этиб, Эрон шимолидаги Дамғон вилоятига кўчиради. Лекин оқ татарлар у ерга келгандан сўнг ҳам бўйсунмай, аста-секин ғарбга, ўз ерларига силжий бошлайдилар ва йўл-йўлакай атрофдаги қишлоқларни талон-тарож қиладилар. Шунда Темур лашкарларининг жаҳли чиқиб, 600 минг оқ татарни қириб ташлайди ва уларнинг калласидан қўрғон қуради.
Бўрибой Аҳмедов «Амир Темурга мактублар» асарида: «Ленин ва Сталин ҳам фаришта эмас экан, улар 40 миллион бегуноҳ одамларни қатағон этган», деб ёзади. Дарҳақиқат, ҳақли савол туғилади: чинакам қонхўр ким ўзи?!
Амир Темур дейдики, мен Форсни забт этганимда, Шероз аҳли шоҳ Мансур бошчилигида мен у ерга қўйган ноибни ўлдирди. Ўшанда, Шероз аҳолисини буткул қирилсин, деб фармон чиқардим. Саййид Жамилул Қодир ҳузуримга келиб, Шероз халқини авф этишимни сўради. Мен унинг гапларига эътибор бермадим.
Кечаси тушимда Муҳаммад алайҳиссаломни кўрдим, у киши қаҳр билан дедилар: «Темур! Сен менинг авлодим илтимосини бажо келтириб, Шероз халқини авф этмадинг. Ахир, сенинг ўзинг Аллоҳ олдидаги кафолатимга муҳтож эмасмисан?» Мен Расулуллоҳ қаҳрига учрашимдан қўрқиб, уйғондим ва шу заҳот Саййид Жамилул Қодир қошига бориб, узр сўраб, бутун Шероз аҳлини авф этганимни билдирдим. Маҳмудхожага эса Меҳрижон мулкини топширдим...»
Фосиҳ Хавофийнинг «Мажмали Фосихий»сида Темурнинг йилномаси қайд қилинган. 1370 йилда Амир Темур Амир Ҳусайнни енгади ва Мовароуннаҳр амири бўлади.
Профессор Шоислом Шомуҳамедов қуйидаги нақлни келтирган. Амир Темур Шерозга кирганда Хожа Ҳофизга рўбарў бўлади. Ва Хожани:

Агар кўнглимни шод этса, ўшал Шероз жонони
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони —

байтлари учун маломат қилмоқчи бўлиб, дейдики, мен Самарқанду Бухоро шуҳратини ошириш учун курашсаму, сиз жононнинг битта холига бу муқаддас шаҳарларни инъом этмоққа қандай журъат этдингиз? Ҳофиз ўзининг юпун кийимига ишора қилиб: «Шоҳим, ҳотамтойлигимдан мана шу аҳволга тушдим-да!», деб жавоб берган. Шоирнинг ҳозиржавоблиги Темур ғазабини меҳрга дўндирган ва шоирга сарпою сармоя инъом қилган экан (Ғ. Саломов, «Таржима назарияси асослари»).
Темур 1401 йил Сурия ва Дамашқни олгандан сўнг, ўз одатига кўра, у ердаги ҳунарманд, олимларни Самарқандга келтиради. Ўн икки ёшар ибн Арабшоҳ ҳам асирлар орасида бўлган. Ибн Арабшоҳ 1408 йилгача Самарқанда яшаб, кейин эса дунёни кезгани чиқади. Шарқшунос олим Убайдулло Уватовнинг таъкидлашича, ибн Арабшоҳ «Турк ва тотор сулолаларидан машҳур кишиларнинг сийрати» «Малик Зоҳирнинг гўзал сифати ҳақида», «Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари» каби китоблар муаллифидир ва бу асарлар жуда кўп тилларга таржима қилинган.
Ибн Арабшоҳ Темурни ўз кўзи билан кўрган, Темур даври воқеаларига ўзи шоҳид. У ёзадики: «Темур жанг қилишдан олдин сулҳни таклиф қиларди»..
1370 йил Султон Ҳусайн ўлдирилгандан сўнг, Темур унинг хотини Сарой Мулкхонимни ўз никоҳига олади. Сарой Мулкхоним Қозонхон (Чингизхон авлоди)нинг қизи эди. Шу боис Темурга Кўрагоний (мўғулча «куёв») номи қўшилган.
Темур Қора, Эгей ва Ўрта денгиздан то Ҳиндистоннинг шарқигача, Мўғулистон ва Хитойгача, Ҳинд океанидан то Урол тоғларигача, Москва остонасидан Днепр бўйларигача бўлган ҳудудларни забт этди ва буюк салтанат барпо қилди (А. Аҳмедов).
Маълумки, Темур Хитойга қарши лашкар тортиб Ўтрорга борганида 1405 йилнинг 18 февралида вафот этган. У амирзода Пир Муҳаммадни валиаҳд этиб тайинлади. Лекин унинг васиятига амал қилинмади.
Темур Самарқанддаги, кейинчалик Гўри Амир номи билан бутун дунёга машҳур бўлган дахмага пири Саййид Бараканинг оёқ учига кўмилди. Аслида бу дахмани Амир Темур суюкли невараси Муҳаммад Султон учун қурдирган эди. Бу даҳмага Мирзо Улуғбек, Мироншоҳ, Шоҳруҳлар ҳам дафн қилинган.
Гўри Амир мақбараси икки қаватли бўлиб, Шарқ дахмасозлиги услубида қурилган. Олмониянинг Ваймар шаҳрида Гўри Амир дахмаси шаклида иншоот қурилган. У дахмага герцог Август, улуғ олмон алломалари Гёте ва Шиллерлар дафн қилингандир.
Темур замонида Самарқанд, Бухоро, Хива, Исфаҳон, Шероз, Кеш, Қаршида беҳисоб ва беқиёс обидалар қурилди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур Самарқанд атрофида бир неча қишлоқлар барпо қилиб, уларга Миср, Дамашқ, Бағдод, Султон, Шероз, Париж деб ном берган. Бу даврда Шаҳрисабзда Оқ Сарой, Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавий, Самарқандда Бибихоним каби обидалар қурилган.
Темурнинг сағанасини 1941 йил 22 июнда очганлар, шу куни иккинчи жаҳон уруши бошланган. Нақл қиладиларки, Темур, мени безовта қилманг, агар гапимга амал қилмасангиз, устингизга шафқатсиз қирғин келур, деб таъкидлаган экан.
Темурнинг қуйидаги ҳикматлари ҳам амаллари каби ибратлидир:
Дўсту душман билан муроса қилдим.
Ҳар мамлакатга шайхулислом юбордим. Токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб уларни яхши ва савоб ишларга ундасин.
Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар орасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорни ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим.
Пири комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг: «Кам егин, кам ухла, кам гапир», деган панду насиҳатларига амал қилдим.
 
ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ас-Самарқандий Хожа Аҳрор Валий номи билан бутун дунёга танилганлар. Хожа Тошкент шаҳрида Абу Бакр Қаффол мозори яқинидаги гузарда 1404 йил туғилиб, 1490 йил Самарқандда марҳум бўлганлар. Хожа Убайдуллоҳ йирик сўфий, олим, нақшбандия тариқатининг улуғ намояндаси, шоир, буюк тарбиячидирлар. Хожа силсилаи шарифдаги ўн тўққизинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланадилар.
Бу киши Шайх Таҳур авлодидан бўлиб, Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» китобида ёзилишича, лақаблари Носириддин, насаблари амирал мўъминин Умар Хаттоб розияллоҳу анҳумга бориб тақалади.
Хожа Убайдуллоҳ ҳазрат Яъқуб ал-Чархийдан, Яъқуб Чархий Алоуддин Аттордан, Алоуддин Аттор Ҳазрат Баҳоуддиндан таълим олганлар.
Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат»да ёзадиларки, ҳазрати Маҳдуми Нуран (яъни Жомий) «Нафоҳат ул-унс»ни битар замони машойих ва акобирдинки ҳаёт қайдида эрдилар, Ҳазрати Хожа Носириддин Убайдуллоҳдан ўзга кишини ул табаррук китобда зикр қилмадилар.
Мир Саид Анвор Қосим, Шайх Баҳоуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий, Мавлоно Муҳаммад Асад, Мавлоно Саъдуддин Қошғарий, Хожа Абу Насрлар суҳбатидан Хожа Аҳрор баҳраманд бўлиб, таълим олганлар.
Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпирзоданинг (1561 йил вафот қилган) «Аш-шақоиқ ан-Нўъмония» («Нўъмон ибн Собит мазҳабидаги биродарлар») номли асарида ёзилишича, Хожа Убайдуллоҳнинг неваралари Муҳаммад Қосим шундай ҳикоя қилади: «Хожа Убайдуллоҳ айтган эканларки, Аллоҳ Субҳонаҳу Таоло зикри бир мартагина ёдимдан кўтарилган. Ўн ёшлик пайтимда мактабга бораётган эдим. Тошкент кўчаларида лой бисёр бўлиб, балчиққа ботдим. Оёғимни лойдан чиқармоққа овора бўлиб, мени ғафлат босди ва Аллоҳ Таолони эсдан чиқардим.»
Хожа Убайдуллоҳ Ҳирот, Самарқанд, Термиз, Балх, Шаҳрисабз, Урганч, Андижон, Бухорода бўлиб, илм олганлар. «..: Кўнглимда илм олиш истаги туғилиб, йигирма ёшимда Тошкентдан Мавлоно Низомиддин Хомушнинг хизматларига. равона бўлдим. У киши ўша пай-да Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида мударрислик қилар эдилар («Аш Шақбиқ ан-Нўъмония», араб тилидан Акром Ҳабибуллаев тажримаси).
Нақл қилинишича, Хожа Аҳрор Самарқандга бориб, Мавлоно Хомуш дарс берадиган ҳужрага кириб, шогирдлар қаторида, бир бурчакда сукут сақлаб ўтирадилар. Мавлоно дарсни тугатиб, Хожа Аҳрорга қараб дейдиларки, нега жим ўтирмоқни ихтиёр айладинг? Даврада гапирмай; сукут сақлаб ўтирадиганлар икки тоифадир. Бири олий мақомга эришганлар бўлиб, ундайлар сукути буюклигидан ва камтарлигидан нишона. Иккинчиси эса билимсиз кишилар бўлиб, улар ўз нодонлигини яшириш мақсадида жим турадилар ва ҳийла ишлатадилар.
Мавлоно Бухорога бориб, Хожа Алоуддин Ғиждувоний, Мавлоно Хусомиддинлардан ҳам таълим олганлар.
Алишер Навоийнинг ёзишларича, нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросону Ироқ, Озарбайжону Рум, Мисру Хитой ва Ҳинддаги салотин (подшоҳлар) ўзларинн Хожа Убайдуллоҳ муридзодалари (эргашувчи, шогирдлари) деб билганлар.
«Барча буюк хоқонлар Хожага қўллиқ, фармонбардорлик ва ихлос камарини белларига боғлагандилар. Хонлар бошларида подшоҳлик жиғаси ва белларида шоҳлик камари бўлган ҳолда, ул зоти шариф (яъни Хожа Убайдуллоҳ) ўзангуларида яёв югурар эканлар. Хожанинг эшикларидаги хизматчиларига қарши озгина одобсизлик кўрсатган киши давлат ва мамлакатдан, балки соғлиқ ва ҳаётдан ажралиб, ўз замонининг ибрати бўлур экан. Ул зоти шариф валоятлари ғоят баланд бўлиб, халқни истаган томонга қараб бошқара оларди» (Абу Тоҳирхожа, «Самария», Т—1991 йил, 27-бет). Хожа Убайдуллоҳ Султон Абу Саид илтимоси билан яна Самарқандга қайтиб, Хожа Кафшир маҳалласида сокин бўлган эканлар.
Хожа Аҳрор асҳобларидан иршодга (пирлик даражасига) мушарраф бўлганлар қуйидагилардир: Мавлоно Қосим, Мавлоно Хожа Али, Мавлоно Мир Ҳусайн, Мавлоно Муҳаммад, Мир Абдул-Аввал, Мавлоно Бурҳониддин, Мавлоно Лутфуллоҳ, Мавлоно Ҳусайн Турк, Дарвиш Жомий ва бошқалар.
Нақл қилинишича, Хожа Убайдуллоҳ ўзларининг кибор асҳоблари ҳисобланмиш Мавлоно Қосимни халқ ҳожатини чиқариш учун хизмат юзасидан шоҳлар, амирлар ёнига жўнатар экан. Шоҳлар ҳам у кишини таъзим билан кутиб олар ва эл ҳожатини чиқараркан. Мавлоно шу қадар ширин гуфтор ва мақбул киши эканларки, у кишини бир кўрган одам суҳбатларинн қайта-қайта қўмсаб қоларкая. Ҳазрат Навоий ҳам Мавлоно Қасим суҳбатларида бўлиб, уларнинг волиқи (мафтуни) бўлган.
Мавлоно Қосимнинг ўлими ибратлидир. Бир кун Ҳазрат Убайдуллоҳнинг сўл биқинларида санчиқ пайдо бўлиб, барча табиблар унинг давосида ожиз ва ҳазрат ҳаётлари хавф остида қолибди. Мавлоно Қосим бу ҳолни кўриб, дард юкини ўзларига тилабдилар. Шу дақиқадаёқ Хожа Убайдуллоҳ сиҳат топиб, Мавлоно Қосимнинг сўл биқинларига санчиқ ўтибди ва бир ҳафтадан сўнг шу касаллик билан Мавлоно марҳум бўлибдилар, яъни жонларини ўз пирларига фидо қилибдилар.
Атоқли ўзбек олими Бўрибой Аҳмедов «Улуғбек» эссесида қуйидаги далилни келтирган: «Хожа Аҳрор эл-юрт бошига катта ташвишлар тушган пайтларда, яъни мамлакат уруш хавфи остида қолган вақтларда қўл қовуштириб четда турмаган. Масалан, 1454 йили Мовароуннаҳрга Абулқосим Бобир бостириб кириб, Самарқандни қамал остига олганда, 1463 йили уч ҳукмдор: Самарқанд подшоси Султон Аҳмад Мирзо бир тарафдан, Андижон ва Фарғона ҳокими Умаршайх Мирзо билан Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон иккинчи тарафдан Ховос ёнида бир-бирига қилич ўқталиб, лак-лак қўшинлар билан турганда, тахминан ўша йиллар Абдуллатифнинг ўғли Муҳаммад Жўқий билан амир Нурсаидбек Нурота ва Шоҳруҳия теварагида қўзғолон кўтарганда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бу можароларнинг ҳаммасига аралашиб, тарафкашларни ярашишга мажбур этдилар (217—218-бетлар).
37
Демак, Хожа Убайдуллоҳ Ҳақ зикрини этиш билан бирга халқ ғамини еган.
Хожа Аҳрори Валий деганлар: «Хожагон хонадонининг баъзисининг сўзи ва аҳволи баёнида ва уларнинг равишу тариқатидан, хусусан Хожа Баҳоуддин ва ул зотнинг асҳоби, қуддиса асрориҳум, маълум бўлурки, улар аҳли суннат ва жамоат эътиқодидадирлар ва шариат аҳкоми итоати ҳам Саййидул мурсалин йўли тобеълигини риоя қилурлар ва бандалик давомиким, Жа ноби Ҳақ Субҳону Таолога огоҳликнинг давомидир, шуур ва вужудга ортиқча заҳмат етказмай сақларлар. Шундай экан, бу азизларни инкор этувчи гуруҳлар ҳасад ва кўрмсизликдан бу ишни қилурлар. Ҳавоу ҳавас, ҳасад говмижжаси аларнинг кўзини кўр қилибдур, ноилож улардаги ҳидоят анвори ва валоят осорини кўролмаслар («Нафоҳтаул-унс», 394—395-бетлар, Н. Комилов таржимаси).
Муҳаммад Қози Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг шогирдлари бўлиб, «Силсилатул  Орифин» китобиниш муаллифидир. Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнул ҳаёт», Муҳаммад Қозининг «Силсилатул Орифин», Жомийнинг «Нафаҳатул унс», Навоийнинг «Насоимул муҳаббат» ва бошқа ўнлаб китобларда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валийнинг даража ва кароматлари дарж қилинган.
Нақл қилиурларки, Мавлоно Жаъфар деди: «Бир кеча тушимда ҳазрат Эшонни кўрдим ва сўрадимки, банда қай ҳолатда Худога ета олгай? Уйқудан уйғониб, Хожа Убайдуллоҳ ёнларига борсам, менга қараб, дедилар: «Агар банда ўзидан фоний бўлса, Худога етади!»
Жомий Хожа Убайдуллоҳни «Қаъбам мақсуди», Навоий «тариқат қутби», Бобур эса «Ҳазрат Убайдуллоҳ пирим» деганлар ва бу зотлар ўзларини Хожа Убайдуллоҳнинг муридлари санаганлар.
Хожа Убайдуллоҳнинг ўгиллари Хожа Яҳёдир. Тожик халқининг классик шоири, зуллисонайн адиб Нақибхон Туграл Хожа Убайдуллоҳ авлодларидан ҳисобланади. Ул адибни 1919 йили қизил аскарлар отишган.
Маълумки, қизил империя ҳукмронлик қилган даврда Улуғбекнинг қотили, халқни эзувчи руҳоний деб Хожа Убайдуллоҳга туҳмат қилинди. Лекин тарихий далиллар бу асоссиз, исботсиз туҳматни, уйдирма гапларни пучга чиқарди. Мавлоно Яъқуб Чархий: «Мусулмон бўлмоқ — одамлар дардига даво бўлмоқдир», деганлар. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ доимо мана шу ҳикматга амал қилиб, нақшбандия пирлари каби нафақат одамзот дардига, балки ҳайвонот, наботот олами дардига ҳам даво бўлиб яшаганлар.
Хожа Убайдуллоҳ «Волидия», «Фикратул орифин», «Руқаот», «Хурсия» (ёки «Хавраия») асарларининг муаллифидирлар. «Волидия»ни ўзбек тилига Мирзо Бобур ихлосу эътиқод билан таржима қилган.
Хожа ўнлаб масжиду мадраса, мактаб қурдирган. Юзлаб камбағалларга бошпана, кўплаб толиби илмларга моддий ва маънавий ёрдам берганлар.
Бобур деганларки:

Хожалар Хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари Шиблийу Жунайд.
Ҳолату мартабаси зоҳирдур,
Васфу таърифида тил қосирдур.

Қуйидаги табаррук байтларни Хожа Убайдуллоҳ - Аҳрор ижод қилганлар:

Нақшбандия ажаб қофиласолоронанд,
Ки баранд аз роҳи ниҳон ба ҳарам қофиларо.
Аз дили солики раҳ жазбаи суҳбаташон
Мебарад васвасаи хилвату зикри чиларо.
Қосире гар занад ин тоифаро таъни қусур,
Ҳошалоллоҳ, ки борорам ба забон ин киларо.
Ҳама шерони жаҳон бастаи йн силсилаанд,
Рубаҳ аз ҳийла чи сон бигсилад ин силсиларо.

Мазмуни: Нақшбандия пирлари ажаб сарбонлардирларки, яширин йўлдан карвонни Макка сари элтурлар. Суҳбатларининг жазбаси тариқат солики қалбидан хилват васвасаси ва чила зикрини суриб ташлайди. Агар бирор калтафаҳм бу тоифани қусур-камчиликда таъна қилса, Худо сақласин, мен бундай сўзни тилга олмайман. Жаҳоннинг барча пирлари шу силсила занжирига боғланган. Тулки ҳийла ила занжирни уза олмас (Н. Комилов таржимаси).
 
МИРЗО УЛУҒБЕК

Маълумки, Амир Темурнинг Жаҳонгир, Умаршайх, Мироншоҳ, Шоҳруҳ номли ўғиллари бўлган. Муаррихларнинг ёзишича, 1494 йилда Умаршайх Бағдод яқинидаги қалъани ишғол қилишда ҳалок бўлган. Жаҳонгир 1376 йил вафот этган. Мирзо Мироншоҳ Табризда Қора Юсуфга қарши жангда (1389—1402) ҳалок бўлади.
Мирзо Улуғбек (1394—1449) Шоҳруҳнинг катта ўғлидир. Мирзо Улуғбекнинг исми Муҳаммад Тарағай бўлиб, у Темурнинг «беш йиллик уруши» (1392—1396) даврй — Ироқ ва Озарбайжонга қарши юришида Султония шаҳрида туғилди. Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим Чиғатой амирларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди. Муҳаммад Тарағай тарбияси билан Темурнинг хотини Сарой Мулкхоним шуғулланган.
Мирзо Улуғбек болалигидаёқ бобоси Темур изида «угурук» яъни, ҳарбий қўшин орқасида юрарди. У кўп шаҳарларда бўлган. Унга 1397 йилдан шоир, олим Ориф Озарий мураббий қилиб тайинланган.
Улуғбек ўн ёшга кирганда Амир Темур уни тўрт невараси қатори уйлантирди. Унинг қайлиғи Ўгай бека бўлиб, у Муҳаммад Султоннинг қизи эди. Ўгай беканинг онаси Олтин Ўрданинг хони Ўзбекнинг (1312— 1342) хонадонидан келиб чиққани учун Улуғбек ҳам Кўрагон номини олган. Муҳаммад Султон эса Улуғбекнинг амакисидир.
Амир Темур ўлгандан кейин унинг ўғли ва неваралари орасида тожу тахт учун кураш бошланди. Самарқандни Халил Султон эгаллаб олган эди.
Фасиҳ Хавофийнинг ёзишича, Темур вафотидан сўнг унинг тирик қолган фарзанд ва неваралри ўттиз олтита экан.
XV асрнинг 20-йилларга келиб Шоҳруҳ бутун Темур меросини қўлида тўплаган эди. Улуғбек 1409 йилда Самарқандни, Иброҳим Султон 1414 йил Шерозни, Суюрғатмиш 1418 йилда Қобул, Ғазна ва Қандаҳорни идора қилмоқда эдилар (ЎзССР тарихи, том, 473-бет).
Улуғбек 1409 йилдан бошлаб Мовароуннаҳр ҳокими бўлган. Шу боис жангу жадал, фитнаю фасод, мағлубияту ғалаба, қувончу қайғу гирдобига Улуғбек ҳам тушган эди. Лекин у пайғамбар алайҳиссаломнинг, бешикдан қабргача илм изла, деган ҳадисларига доимо амал қилган. Улуғбек Аҳмад Фарғоний, Форобий, Мусо Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём асарларини ўрганади. Ва бу мутафаккирлар орқали юнон олимлари Афлотун, Арасту, Гиппарх, Птоломей билан танишади.
Ғиёсиддин Жамшид Кошонийнинг ёзишича, Улуғбек донишманд бўлган. Қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан билган... Араб тили навҳ ва сарфини яхши ёзган. Шунингдек, фиқҳ (ислом қонуншунослиги)дан анча хабардор; мантиқ, маъноларнинг баёни ва усулларидан ҳам бахабар. Ул зоти шариф риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган.
Улуғбек 1417 йил Бухоро шаҳрида, 1417—20 йилларда Самарқандда, 1432 йилда эса Ғиждувонда мадраса қурдирган. Бухородаги мадраса дарвозаси пештоқига пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Мусулмонларнинг барча эркак ва аёли илм олмоғи фарздир», деган ҳадислари ёзиб қўйилган. Мирзо Улуғбекнинг Ғиждувонда қурдирган мадрасаси улуғ авлиё Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараларининг қибла томонидадир. Нақл қилишларича, Абдулохолиқ Ғиждувонийнинг ҳужралари ўрнида бу мадраса бино қилинган экан.
Улуғбек расадхонаси (1424—1429) бутун Ғарбу Шарққа донг таратгандир. Унинг астрономияга оид «Зижи жадиди Қўрагоний» (1437) асари жаҳон тилларига таржима қилинган. Улуғбекнинг бу китоби 1685 йил Оксфордда. 1853 йил Парижда, 1917 йил Америкада, 1943 йил Лондонда ва бошқа жойларда босилиб чиққан. У «Тарихи арбаъ ва улус» («Турк улуси тарихи») китоби ва мусиқага оид рисолалар муаллифидир. У ўз «Зичи»да 1018 юлдуз ҳолатиини тасвирлаган.
Улуғбек қурдирган мадрасаларда илоҳиёт билан бирга, илми ҳайъат, тиббиёт, риёзиёт, хандаса, тарих, жуғрофия, илми аруз каби дунёвий билимлар ҳам ўргатилган. Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Алоуддин (Али Кушчи), Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад ҳамда Мирзо Улуғбекнинг ўзи ушбу мадрасада мударрислик қилган.
Ғиёсиддин Жамшиднинг астрономияга оид «Зичи ҳоқоний», «Осмон карвони», математикага доир «Ҳисоб калити», «Доира ҳақида рисола», Қозизода Румийнинг «Арифметикага оид рисола», «Астраномиянинг моҳиятига доир изоҳлар», «Шакллар асосига шарҳ», «Синус ҳақида рисола»лари диққатга сазовордир.
Зайниддин Восифийнинг «Бадоиъул вақоиъ» асарида қайд қилинганки: «Улуғбек мадрасаси битгач, анинг саҳнинда катта йиғин бўлди. Йиғинда Улуғбек Мирзодан сўрадилар: «Мадрасанинг биринчи муддарриси ким бўлғай?» Улуғбек Мирзо: «Барча илмларнинг саромади бўлғон киши ушбу мадрасага мударрис этиб тайинлангай», деб жавоб қилдилар. Ушбу йиғинда ҳозир бўлган ва ғишт уюми устида ўлтурган бир шахс ўрнидан дафъатан туриб, Мирзога таъзим қилди ва: «Ушбу мартабага мен муносибдурмен», деди. Улуғбек Мирзо ани имтиҳон қилди, илму камолотига ишонч ҳосил этгач, ани ҳаммомга олиб бориб, ювиб-тараб кийинтиришни буюрдилар. Ул зот Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад эди. Мадраса очилғон кунни Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад мударрис ўрнида биринчи дарсни ўқидилар. Дарсда олимлардан тўқсон нафари ҳозир эрди, лекин дарсни Улуғбек Мирзо билан Қозизода Румийдан бошқа ҳеч ким тушунмади».
Муаррихларнинг ёзишича, Мирзо Улуғбек 1416 йил шарқий Туркистонни ўз давлатига қўшиб олган.
Мирзо Улуғбек беш ўғил ва беш қиз кўрган. Уғли Ибодуллоҳ Мирзо беш ёшарлигида, Абдуллоҳ Мирзо ўн уч ёшарлигида, Абдураҳмон Мирзо ўн икки ёшарлигида вафот этган. Абдулазиз Мирзони Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф 1449 йил ўлдиртиради.
Абдулатиф буйруғига мувофиқ, Аббос Мирзо Улуғбекни ўлдирган. Ушбу мудҳиш воқеа 1449 йил содир бўлган эди. Абдулатифнинг номи тарихда падаркуш Шеруя, Мунтасирлар қаторида бадном бўлиб қолди. Тожу тахт кўзни кўру қулоқни кар қилар экан. Низомий Ганжавий ёзганки:

Падаркуш подшоҳиро нашояд,
Агар шояд, ба жуз шаш моҳ напояд.

Мазмуни: падаркуш шоҳ бўла олмас, агар бўлса, ҳукмдорлиги олти ойга етмас.
Дарҳақиқат, Абдулатифнинг ҳам шоҳлиги узоққа бормади. Бобо Ҳусайн Баҳодир камонидан отилган ўқ падаркуш Абдулатифнинг барча қабоҳатларига 1450 йил 9 майда чек қўйдц.
Улуғбекнинг қизларидан бири Робия Султонбегимни Абулхайрхон ўз никоҳига олган эди. Робия Султонбегим хондан икки ўғил кўрди. Улар Суюнчхожаҳон ва Кунчкунчихонлардир.
Улуғ поляк астрономи Ян Гевелийнинг (1611—1687) «Астрономия даракчиси» номли китобида Мирзо Улуғбекнинг иккита сурати берилган. Биринчи суратда Улуғбек мунажжимлар илоҳи Ураниянинг ёнида овруполик тўрт йирик астроном — грек Птоломей (эрамиздан аввал тахминан 170 йил вафот қилган), немис шаҳзодаси Гасс (1532—1592), даниялик Тихо Браго (1546—1601) ва итальян Жан Батист Риччиоли (1598—1671) билан тасвирланган. Иккинчисида эса яна ўша Урания билан бирга жаҳонга донғи кетган тўққизта астроном тасвирланган (Б. Аҳмедов).
Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкиратуш шуаро»да шундай ёзган:.. олим, одил, ғолиб ва ҳимматли подшоҳ Улуғбек Кўрагон юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди. Унинг даврида фозиллар мартабаси чўққига кўтарилди...
Фозиллару ҳакимларнинг якдил фикрлари шуки, исломият замонида, балки Искандар Зулқарнайн давридан то шу дамгача Улуғбек Кўрагондек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўтирмаган. У отаси Шоҳруҳ баҳодир ҳукмронлиги даврида Самарқанд ва Мовароуннаҳрни қирқ йил мустақил идора этди.
Улуғ ўзбек шоири Саккокий Улуғбекнинг замондоши эди. Шоир Саккокий Улуғбек ҳақида қуйидаги байтларни ифтихор билан битган:

Салотин дунёда кўп келдиго кетти, сенингдек бир —
Фалакнинг гар тили бўлса ойитсунким қачон келди...
Фалак йиллар керак сайр этсаю келтурса илкига
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони.

Алишер Навоий ҳам Улуғбекка бағишлаб ўлмас мисралар тизган:

Темурхон наслидин Султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек...
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди «Зичи Кўрагоний».
Қиёматга декинчи аҳли айём,
Ёзурлар онинг аҳкомиддин аҳком.
 
МУҲАММАД РАҲИМХОН ФЕРУЗ

Бухоро, Самарқанд, Хива — Шарқ гавҳарларидир. Аср-асрлардан бери бу шаҳарлардаги обидаларни сайёҳлар бутун оламдан келиб зиёрат қиладилар ва ота-боболаримиз ақлига қойил бўладилар.
Қизил империя даврида Шарқдан чиққан шоҳларни «нодон», «жоҳил», «қонхўр», авлиё-алломаларни эса «фирибгар», «ёлғончи», Шарқ обидаларини «эскилик қолдиғи», «дину бидъат ўчоғи» деб талқин қилиш расм эди. Жумладан, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон гарчи улуғ шоир, хасос бастакор, ижод аҳлига ҳомий бўлса-да, унга сарой феодал-клерикал адабиётининг намояндаси деган тамға босилиб, Феруз ижоди на ўрганилди, на тарғиб қилинди.
Муҳаммад Раҳимхон II тарихда Феруз (Феруз— бахтли, саодатли деган маъноларни англатади) тахаллуси билан Девон тузгани, ўнлаб шоиру муаррих, бастакору меъморларга ҳомийлик қилгани, шунингдек Хоразм адабий муҳити тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, унга раҳбарлик қилгани тарихий ҳақиқатдур.
Дарвоқе, шоҳга шоирлик тўғри келармикин? Бу шоирлик тўқликка шўхликмиди ё?..
Биз бир нарсани унутмаслигимиз керакки, қадимда шаҳзодалар тарбияси билан жиддий шуғулланганлар. Уларга диний илм билан бирга дунёвий билимлар ҳам ўқитилган. Ҳандаса, жуғрофиия, фалакиёт, мусиқа, адабиёт пухта ўргатилган. Шаҳзодаларга ҳам жисмоний, ҳам руҳий тарбия зарур саналарди. Чунки тожу тахт эгаси олим билан олимдай, саркарда билан лашкарбошидай гаплашиб билсин, уларнинг қадрига етсин, улар орасидан истеъдодлисини ажратиб билсин.
Буюк истеъдод соҳиби Феруз 1844 йил Хивада туғилган. Феруз отаси Саййид Муҳаммадхон ўлимидан сўнг тахт эгаси бўлди. Бу воқеа 1863 йилга тўғри келади. У 16 ёшдан хонлик тожини кийган. Муаррихлар Раҳимхон II нинг хонлик даврини 1863 йилдан 1910 йилгача деб ёзганлар. У 1910 йил вафот этган.
Ферузшунос олима Г. Исмоилованинг ёзишича, Хива ва унинг теварак-атрофидаги шоир, адабиётчи, муаррих, мусиқашунослар саройга йиғилиб, бир адабий марказ вужудга келтирилган.
Феруз раҳбарлигида Табибийнинг «Мажматуш шуаро», Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳи» асарлари яратилган. «Мажматуш шуаро»да Феруз саройида йиғилган ўттизга яқин шоирлар ижодидан намуналар берилган. Биз Хоразм адабий муҳити ҳақида бу тўпламдан етарли маълумот олишимиз мумкин.
XIX асрнинг ўрталарига келиб Хоразм маданий ҳаётида алоҳида тараққиёт юз берди. Илгари вайрон бўлиб кетган бинолар қайтадан тикланди. Янгидан суғориш иншоотлари, карвонсаройлар ва 60 га яқин масжид, мадраса барпо қилинди.
Нодир истеъдод эгаси (Матниёз) Комил Хоразмий оддий хаттотликдан Муҳаммад Раҳимхон замонида мирзабошилик лавозимига кўтарилди, 1873 йилда эса девонбеги мансабига тайинланди. Қомил Хоразмий «Рост» мақомига бастлаган «Мураббаи Комил» ва «Пешрави Феруз» куйларининг нотаси айни замонда ҳам машҳур.
Муҳаммад Ризо Огоҳийнинг «Иқболи Ферузий» (ёки «Шоҳиди иқбол») номли тарихий асари Феруз ҳукмронлик қилган давр воқеаларига бағишланган.
Огаҳий, Комил Хоразмий, Рожий ва бошқа адиблар кўплаб асарларни форс-тожик тилидан ўзбекчага таржиима қилганлар. Атоқли таржимашуноос Н. Комилов таъкидлагани каби, бу даврда Хоразм таржимачилик мактаби пайдо бўлган эди.
Бу вақтга келиб «Маҳфилоро», «Бадоеъул вақоеъ, «Ҳафт кишвар», «Вомиқ ва Узро», «Меҳру Моҳ», «Баҳори дониш», «Чор дарвиш», «Анвори Суҳайлий», «Шоҳнома», «Гулистон», «Аҳлоқи Муҳсиний», «Латоиф уттавоиф» каби асарлар форс-тожик тилидан ўзбекчага ўгирилди.
Муҳаммад Раҳимхон II Хивада тошбосма ташкил этиб, китоб чоп этишни ҳам йўлга қўйган.
Феруз ҳукмронлик қилган давр ғоятда алғов-далғов бўлиб, хонликлар орасида ўзаро низо кучли эди. Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги орасида бирлик йўқ эди. Мана шу қарама-қаршиликлардан чор Россияси усталик билан фойдаланди. 1866 йил Россия қўшнилари Бухоро чегараларига бостириб кирди. 1868 йилга келиб Бухоро амиирлиги, Қўқон хонлиги Россияга тобеъ бўлди.
1873 йил Кауфман раҳбарлигида жами 13 минг кишидан иборат қўшин, 56 тўп-замбарак билан Хивага қарши юриш бошлади. 1873 йилнинг 29 май куни Хива эгалланди. Аммо Хива ўрислар томонидан ишғол қилинишидан олдин, бу ерда тўнтариш бўлиб, Муҳаммад Раҳимхон II ўрнида унинг укаси Отажон тўра хон деб эълон қилинган эди. Хива ишғол қилиигандан сўнг Кауфман Муҳаммад Раҳимхон Ферузни яна тахтга ўтирғизди.
Россиянинг Хивага кўз олайтириши Пётр I даврида бошланган. Тарихдан маълумки, Пётр I нинг Бекович — Черкасский бошлиқ экспедицияси 1714—1717 йилда Хива остоналарида тор-мор қилиб ташланган, кейинроқ В. А. Перовский экспедицияси (1839—1840) ҳам барбод бўлган эди.
Рус чоризмининг босқинчилик сиёсатини ёқлаб вице-канцлер Горчаков ёзади: «Бу (яъни босқинчилик) шароит тақозоси бўлиб, бошқа давлатлар ҳам худди шундай қилган. Масалан, Франция Жазоирни, Голландия ўз мустамлакаларини, Англия Ост-Индияни, хуллас давлатлар манфаатпарастлигидан кўра ноилож зарурият тақозосига биноан маиа шундай йўлдан (яъни босқинчилик йўлидан) боришимиз муқаррар бўлиб қолди (ЎзССР тарихи, 11-том, 20-бет).
Худди шу китобда генерал-губернатор С. М. Духовский ўз ҳукуматига мурожаат қилиб ёзган хатида: «... бу ердаги аҳолига одамийлик ва инсонпарварликнинг кенг негизларини қўллаб бўлмайди», деган. Туркистонни бошқаришда чоризм маҳаллий меҳнаткашларни эзиш, уларнииг ҳуқуқларини назар-писанд қилмасликка асосланган эди.
Муҳаммад Раҳимхон II мана шундай даврда яшаб, ҳукмронлик этиб, ижод қилган. Муаррихларниинг таъкидлашича, у «Шашмақом»га ўн учта куй басталаган.
Ҳасанмурод қори Муҳаммадамин ўғли Лафасийнинг «Хива шоирлари ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари» тазкирасида қуйидаги ҳикоят келтирилган: «Доий — Юсуф Ҳожи номи билан машҳур бўлиб, ҳамма вақт Хива уламо ва сипоҳиларини мазаммат (мазах) этиб, ҳақорат қилиб юрур эрди. Феруз эса Доийнинг ҳурматини жойиға қўяр, унга инъом бериб турарди. Муҳаммад Раҳимхон Доийни шул тариқа сипоҳий ва уламоларни ҳақорат қилиб, мазаммат этишидан воқиф эканлигига қарамай, уни масжиди Калонда воизлик мансабига тайинлайди. Доий масжиддаги ваъзларида ҳам вазирлар ва уламоларни танқид қилади ва улардан шикоят этиб туради. Анинг ҳар бир гапини хонга етказиб турардилар. Бир кун хон Исломхўжага: «Бугун наҳордан жума масжидига боргил ва воиз насиҳатларини яна эшитиб келгил», деб фармон берди. Исломхўжа ўзининг яқинларини олиб, намозга борди. Юсуф Ҳожи уларни кўриб, мазаммат этиб айтади: «Фуқаро — деҳқонларга жабр-зулм этиб, аларнинг манглай тери билан топилган ақчаларини олиб, бундай ақчалар билан мадраса, масжид бино қилдурса, қандоқ савоб бўлур? Бундай ишларнинг жазосини топ-салар керак...» Исломхўжа ушбу гапларни хонга сўзлаб беради. Хон ҳеч нарса демай, Доийга сарупо, инъом этади.»
Қуйидаги шоҳ байтлардаи кборат ғазал Ферузникидир:

Нечук офат эдинг, эй сарвқомат,
Бошимга солди ишқинг юз қиёмат.

Қиёмат шўришин жаҳонга солдинг,
Жаҳондин мунъадам бўлди фароғат.

Фароғат истаган, чиқсун жаҳондин,
Топилмасдур тирикликда саломат.

Саломат аҳли бошига фалакдин
Даме тинмай ёғар санги маломат.

Маломат тошидин озурдадурлар
Бу кўҳна дайрда аҳли фаросат.

Фаросат хайлининг оллида бўл қул,
Бошингга солмайин чини малолат.

Маломат чекмайин десанг жаҳонда,
Худонинг берганига қил қаноат.

Қаноат бирла сабр ўлса санга иш,
Ҳар ишда қилмагунг ҳаргиз надомат.

Надомат бирла умрим ўтди, ё Раб,
Етур тонгла Расулингдин шафоат.

Шафоат жомидин саршор қилғил
Ҳазин Ферузни шоҳи рисолат.