forum.ziyouz.com

Kutubxona => Jahon adabiyoti => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 14 May 2010, 08:01:10

Nom: Yashar Kamol. Ilonni o'ldirsalar (roman)
Yuborildi: AbdulAziz 14 May 2010, 08:01:10
Yashar Kamol. Ilonni o'ldirsalar (roman)

(http://ziyouz.com/images/books/ilonni.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=759)

Muallif: Yashar Kamol
Hajmi: 3,73 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=759)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=4708.0)
Nom: Re: Yashar Kamol. Ilonni o'ldirsalar (roman)
Yuborildi: Habib 11 Fevral 2011, 19:30:54
Яшар Камол

ИЛОННИ ЎЛДИРСАЛАР


Роман

«Янги аср авлоди» нашриёти
2001


«Илонни ўлдирсалар» романи, аввал оиласининг, сўнг ўзи яшовчи қишлоқнинг босими натижасида онасини ўлдирган бола ҳақидадир. Ҳасан етти ёшлигида отаси онасининг эски ошиғи томонидан ўлдирилади. Бувиси, сўнг қишлоқ аҳолиси икки йил давомида боланинг юзига суртилган «доғ»ни тозалашга бел боғлайдилар. Борган сари ривожланган ижтимоий асабийлик муҳити, қанчалик қаршилик кўрсатмасин, Ҳасанни жинноятга ундайверади.

Турк тилидан Лола АМИНОВА таржимаси



ТАРЖИМОНДАН

Мазкур асар турк адабиётининг машҳур вакилларидан бўлмиш Яшар Камолнинг қаламига мансуб.
Яшар Камол — Камол Содиқ Гўкчсли 1922 йилда Адана шахри яқинидаги Хемитс (Гўкчели) қишлоғида таваллуд топди. Унинг болалик ва ўсмирлик чоғлари кейинчалик ўз асарларида тасвирлаган тақир қояли тоғлар орасида ўтди. Уч томондан залворли тоғлар билан ўралган, бир томонини эса Ўрта ср денгизининг мовий тўлқинлари ювиб турган, ўз кўксига кўпдан-кўп афсона-ю ривоятларни яширган мана шу сирли замин унга зеҳн ва илҳом тақдим этди. Унинг болалиги осон кечмади, хатто ўрта мактабни ҳам тугата олмади. Узоқ изланишлар, услубий уринишлар оқибати ўлароқ, у ўз овозига— фақат Яшар Камолга хос услубга эга бўлди. Ёзувчи ўз ижодини халқ оғзаки ижоди – фольклор намуналарини тўплаш ва нашр қилиш, шеърлар ёзиш билан бошлади. Унинг асарларида ҳамиша ҳам яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қилавермайди, адолат разолатни енгиб, қаҳрамонлар худди эртаклардагидек ғалабаларини тантана қилавермайдилар. Бироқ ёзувчи қаламига мансуб бўлган ҳар бир асар – бу ўқувчи қалбига хитоб, инсонда инсонийликни уйғотишга даъват, меҳр-оқибатга чорлов эканлиги аниқ.
Унинг 1952 йилда нашр этилган биринчи ҳикоялар тўплами — «Жазира» тез орада ўз ўқувчиларини топди. Орадан кўп ўтмай 1955 йилда Яшар Камолнинг биринчи йирик асари — «Инжа Мамад» романинг биринчи боби эълон қилинди. Ёзувчига катта шуҳрат келтирган бу роман бошқа ўнлаб тилларга таржима қилинди. Сўнгра 1955 йилда «Тунука» романи, 1960 йилда «Таянч устуни» трилогиясининг 1-жилди, 1963 йилда «Ер қаттиқ, осмон узоқ» трилогиясининг 2-жилди, 1969 йилда «Умрбоқий» трилогиясининг 3-жилди, 1969 йилда «Инжа Мамад» романининг иккинчи боби, 1970 йилда «Ағри тоғи афсонаси» қиссаси, 1971 йилда «Бепоён ватан бўйлаб» репортажлар тўплами, 1972 йилда «Чақиржали Эфе», 1972 йилда «Темирчи гузаридаги жиноят», 1975 йилда «Юсуфжон-Юсуф», 1976 йилда «Илонни ўлдирсалар» қиссаси нашр қилинди.
«Илонни ўлдирсалар» қиссасида мурғак боланинг бошидан ўтган кечинмалари ҳикоя килинади. Муаллиф ва асар қаҳрамони бўлмиш Ҳасан ҳамоқхонада танишадилар. Бутун қисса ёзувчи ва Ҳасаннинг ҳикояси асосига қурилган. Жамиятдаги мудҳиш, разил, жоҳил муҳит асар қаҳрамонини жиноят содир этишга мажбурлайди. Шу муҳит меҳру муҳаббатга тўла мурғак қалбни секин-аста ҳиссиз, қабиҳ бир жисмга айлантириб қўяди.
Қаҳрамоннинг кечинмаларини муаллиф жуда катта маҳорат билан ёритган. Асар сўнгида ўқувчи, гарчи ўз онасини ваҳшийларча ўлдирса-да, Ҳасандан нафратланмаслиги, уни айбламаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳақиқий қотил аслида Чуқурова қишлоғининг жоҳил одамларидир. Мурғак, беғубор болакай эса уларнинг бу мақсадларига етишлари учун восита, холос. Қиссада мазкур зиддиятли ҳақиқат акс этганининг ўзиёқ Яшар Камол маҳорати ва ўзига хос услубидан дарак бериб турибди.
Отаси ўлдирилганда Ҳасан ё олти, ё етти ёшда эди.
Анаварза қоялари узра бургутлар қанот керганча айланиб-айланиб учишарди. Қуёшга юз тутган чиришсиклари деб аталувчи тоғ гуллари оппоқ бўлиб очилган.
Олисда сузиб келаётган булутнинг сояси ботқоқликни бутунлай қоплаб, Думлуга келганда кўздан ғойиб бўларди. Чиришсик гуллари атрофида турли хил арилар—асал ари, қовоқ ари, сариқ арилар ғужғон ўйнашарди. Қояликлар орасидан кенг ер гулларининг тўқ зангори тиканлари бўй чўзиб турибди. Ҳасан қояликларда какликдай сакраб юрарди. Кун чиқиш тарафида жарлик бор эди. Ҳасаннинг боши айланарди. Жарликдаги бургут уяларига тушиб, на бир тухум, на бир бургут боласини топа олди. Уни кўрган бургутлар девордек текис қоялик бўйлаб, катта қанотларини ҳавода силтаб-силтаб учиб кетишди. Баҳор қуёши қояларни қиздириб турарди. Қояликлар орасидан зангори ихрожлар , сариқ заъфаронлар, беданинг бинафшаранг гуллари кўриниб турарди. Кекиклар  очилай-очилай деб турибди. Уларнинг вазмин ифори атрофни тутиб кетган.
Ҳасаннинг сўнгги умиди девор остидаги уядан эди. Аммо бу уяга тушиш ҳамиша қийинчилик билан кечади. Бир сафар қояга осилиб қолиб, жуда қийинчилик билан, зўрға чиқиб олганди. Қайтиб бу уяга тушмаган эди. Агар ўшанда ёввойи анжирнинг илдизи қўлларига илашиб қолмаганда ёки илдиз юлиниб кетганда, у тамом бўларди. Пастлик эса ўн минора бўйичалик келади. Пастликка етиб бормасданоқ парча-парча бўлиб кетиш мумкин. Атрофдан аралаш-қуралаш ҳидлар анқийди. Ҳасан теваракнинг баҳор қуёши остидаги бундай аралаш бўйини ҳеч бир ҳидга ўҳшатолмай, бу ҳидни — қоялар ҳиди деб ҳисобларди. Бу Анаварза қоялигининг ҳиди эди. Арилар, калтакесаклар, каклик болалари, уялар, бургут болалари, заҳарли чинқироқ илонлар, ўқ илонлар ҳам ўзларидан бундай ҳид таратардилар. Анаварза қоялигининг инсонларидан ҳам қоялар ҳиди анқир эди. Бу ҳид баҳор қуёши тафтида инсонга жуда ёқимли, ширйн, маст қилувчи бўлиб туюлади.
Анаварза қоялигининг ёмғиридан ҳам бошқача ҳид анқийди. Ундан ҳам қояликнинг ҳиди келади. Булут ҳам ифор таратади. Булутнинг ҳиди ҳам умуман бошқача туюлади.
Қояликларнинг ҳиди Ҳасаннинг димоғидан асло кетмайди. Айниқса, бир кеча, қоронғулик, қоронғуликдаги милтиқ ўқининг ҳиди... Порох ҳиди текисликда, тупроқда ўзгача. Тунда, қояликларда эса умуман бошқачадир.
Тунда милтиқ ўқининг ҳиди анқийди. Тунда, жуда узоқларда, узун акс-садо берувчи ўқ овозлари, пақ-пуқ... Пақ-пуқ дея тунда акс-садо берарди. Шу сабабли Анаварза қоялиги ўша акс-садолар, ўқ овозлари ва бу ҳидлар демакдир. Анаварза осмонида қонли бургутлар айланишарди. Яхши эслайди. Ўша отишма юз берган тун, ўша акс-садо ва ўша бургутларнинг эрталабгача сузилиб учишлари унинг учун мангуга энг қўрқинчли хотира бўлиб қолади.
Кун жуда иссиқ эди. Қишлоқдагиларнинг ҳаммаси ишлаш учун далага чиқиб кетганди, фақат Ҳасан чиқмади. Юраги сиқилар, нима қиларини билмас, онасининг юзига ҳеч қаролмасди.Вақт тўққизда эди. Ҳарқалай унга шундай дейишганди. Ҳар сафар онасининг кўзларига кўзи тушиши билан эрталабданоқ ақли бошидан кетиб, телбанамо бўлиб юрарди.
Шундай тонгларда ҳали кун чиқмасданоқ онаси мойжувознинг сариёғидан бир бўлагини унга берар, Ҳасан эса усти айронли сариёғни олиб, иссиқ тандир нонига суртар ва узоқ-узоқлардаги дарахт тагига бориб ўтириб ерди. Ортиқ онасига қаролмас эди. На юзига, на-да унинг юришига... Қани эди онасини кўрмаса.
Шундай тонгларда ҳар доим шундай қилар эди. Ўзига ўзи сиғмас, нима қилишини билмасди. Телбаларча қишлоқ ичида изғир, сўнг эса нима ишлар қилганини англаёлмасди. Қўндоғи садафли, бу қимматли милтиқни унга аввалроқ—етти ёшлигида беришган эди. Бу милтиқ билан отмаган жонзоти қолмаганди. Йўлида учраган ҳар бир нарсага ўқ узарди. Қушларга, эчкиларга, бургутларга, какликларга, шоқолларга, чумчуқларга, инсонларга... Ҳатто инсонларни ҳам ота бошлаганди, Ҳасан...
Унинг уч амакиси бор эди. Уччалови ҳам унга чурқ этмасдилар. Бутун қишлоқ аҳолиси унинг қариндоши эди. Қишлоқларининг ўзи ҳам жуда кичкинагина эди. Гўчебелик районидан эндигина ажралиб чиққанди. Бу ерга жойлашганларига ҳали кўп ҳам бўлмаган. Амакилари, отаси Ҳасандай маҳалида Бинбўғаларда сурув-сурув қўйлар боқишарди. Улар чўпон эдилар. Етти «тиргакли чодирлари ҳам бор эди. Нима бўлганда ҳам, ҳар доим шу етги тиргакли чодирлари билан ғурурланишарди.
Сариёғ суртилган нонини анор боғининг ичида еб тугатди. Қорни яхшигина тўйди. Милтиғини қўлига олиб, яна қайтариб жойига қўйди. Милтиқнинг қўндоғидаги садаф янги чиққан қуёшнинг нурларида мовий тус олиб товланар ва яна сўнарди. Анча вақтгача қимирламай, қўлларини осилтириб, бўйнини ўнг тарафга эгганча милтиғига қараб ўтирди.
Милтиқ товланиб сўнар, қайтадан жилоланиб яна сўнарди. Онаси ҳовлида у ёқ-бу ёққа ўтиб юрарди. Дунё гўзали эди онаси. Ҳуснда тенги йўқ эди онасининг. Ёшгина, кичкина бир қизчага ўҳшарди. Отаси эса қариб қолган, соч-соқоли оқарганди. Қандай бўлган бўлса, шундайлигича эслаб қолганди, отасини... Онасининг белигача тушиб турувчи узун сочлари бўларди. Чуқурова қишлоғининг ҳаммаси шундай гапириб юришарди. Балки онаси дунёнинг энг гўзал аёли бўлгандир? Шу каттагина Чуқуровада онасини ёқтирмаган йигит топилмасди. Онаси барча ошиқларига рад жавобини берар, Ҳасандан—ёлғиз ўғлидан айрилишни хоҳламасди.
 Агар онаси кетса, Ҳасаннинг бу ерда қолиши муқаррар эди. Амакилари Ҳасанни онасига бериб юбормас эдилар. Онаси ҳам фарзандини ташлаб, турмушга чиқиб кетолмас, агар турмушга чиқиб, бошқа қишлоққа кетса, Ҳасанни умрбод кўролмасди.
Жайҳон дарёсининг суви камайиб, кумушдай товланиб оқарди. Ҳасан эрталабдан кечгача жарларда юриб, қумри қушларини пойларди. Қуш уяларининг тешикчалари оғзида уларнинг чиқишини кутиб ўтирарди. Майда тешикли тўр топиб, илоннинг инидай кичкина ўйилган инчага тўрвадай осиб қўйганди. Инчадан чиққан қушлар ҳам шу тўрга тушишарди. Ҳасан бу мовий, тўқ зангори рангли қушларни қовоқдан ясаган қафасига солиб қўярди. Қафасни қаршисига қўйиб, тўҳтамасдан бу мовий қушларни томоша қиларди. Бу мисли кўрилмаган мовийлик эди. Ҳасан ёмғирқуши деб аталувчи қумриларни томоша қилар экан, гўёки бир мовий туш ичига тушиб қолар, атроф ҳам, бутун аъзойи бадани ҳам мовийлашиб кетгандай бўлиб, маст кишидай гангиб қоларди.
Қалдирғочни одатда ҳеч ким тута олмайди, лекин Ҳасан қишлоқ тарихида биринчи марта қалдирғочни тутган одам эди.
Ҳасан қандай йўл билан бўлса ҳам, бир кунда беш-ўнта калдирғоч тутиб, бир арқонга тизиб боғлаб чиқар ва шундайлигича учирарди. Кеч тушиши билан қалдирғочларни шундай боғлоқлик ҳолатида осмонга учириб юборарди.
Ҳасан Анаварза ғорларининг бирида бургут болаларини ҳам боқарди. У эрталаб уйдан чиқиб кетиб, фақатгина кун ботгандан сўнг, кўз-кўзга тушмайдиган, кўчаларда одам қолмайдиган маҳалда қишлоққа қайтарди. Ҳар доимгидек садафли милтиғи қўлида. Қўлидан қўймасди бу садафли милтиқни.
Арилар, илонлар, Анаварза ёнбағирларидаги тамомила қушлару хас-ҳашаротларнинг ҳам бошига битган бало эди бу Ҳасан.
Қишлоғидан ҳам қочиб кетгиси келарди. Бир ҳафтага ёки бир-икки кунга қишлоғидан чиқиб, нариги томондаги қишлоқгача юриб борар, кейин эса қўрққаниданми, ёки бошқа сабабданми орқасига қайтиб келарди. Бир марта чўпон бола билан ўртоқ бўлиб олиб Қозондан то Форсоғгача кетиб қолган. Кейин эса ҳартугур яна орқасига қайтиб келганди.
Нима иш қилишини билолмай юрарди. Лекин шу нарсани аниқ билардики, бу қишлоқда қолмаслиги керак. Ёки онаси кетиши керак эди бошқа ерларга.
Ҳа, онаси! Онаси кетиши лозим эди. Бу ердаги ҳамма онасининг душмани. Инсон эса душманлар орасида бўғилиб яшайди. Онасига нисбатан қилинаётган душманлик бевосита Ҳасанга ҳам таъсир кўрсатар ва қишлоқда яшаркан бўғилиб кетаётгандай туюларди. Ҳа, ҳақиқатан бўғилиб кетарди, ҳеч нарсадан тоймайдиган душманлик орасида...
Бувиси, аммалари, амакилари, амакиларининг хотинлари, жиянлари — ҳеч ким онаси билан гаплашмас эди. Шундай экан, онаси нега бу қишлоқда яшаб юрибди. Шу қадар соҳибжамол, шу қадар тенгсиз гўзал бўла туриб... Онасининг фақатгина уни ташлаб кетолмаслиги Ҳасанга ғурур бахш этарди.
Онасига нисбатан ўзида турли-туман туйғулар ҳис қиларди. Айтишларича, энг кичик амакиси онасини ёқтирармиш, лекин онаси уни хоҳламай, рад жавобини берган экан.
Ҳасан ишонилмас даражада безовта эди. Шу сабабдан ҳам қушларга, ҳашаротларга ўзини урарди. Бу дунёда унга қучоқ очгувчи бир жонзот, шох-шабба қидирарди. Ҳасан кўрган-билганларини ҳеч кимга айтиб ўтирмасди. Ўлдирсалар ҳам айтмасди.
Ҳасан бамисли бир қуршов ичида, тўрт томонлама ўраб олинганди. Нима қилса ҳам бу қуршовдан чиқиб кетолмас эди.
Бошини тошларга урса ҳам ўзини ўраб олган темир занжирлар ичидан қутилолмасди.
Ҳар куни қочиш, ҳар куни ғорлар, бургутлар, ҳашаротлар, илонлар... Ҳар куни-ўша ерларга қочиб яшаш... Ҳеч қандай ўртоғи ҳам йўқ. Ё ўзи болалардан қочади, ё болалар ундан қочишади. Биттагина Солиҳ бор эди, бор бўлса ҳам ҳеч гапирмас эди. Қайтанга яхши, гапирмаса, гапирмасин. Ҳасан эса унга гапиравериб, гапиравериб бошини шишириб юборар эди. Қандай яхши, одамнинг ҳеч гапирмайдиган ўртоғи бўлса-да, зерикмасдан, сиқилмасдан уни тинглаб ўтирса.
Ҳасан шу тарзда мовий ёмғир қушлари, ҳавода айланиб учаётган бургутлар, чинқироқ илонлар, айниқса, Солиҳ билан сармаст бўлиб, ўзини унутиб яшамаса, балки ўлиб кетарди.
 
* * *

Аввал ташқаридан шитир-шитир этган товуш эшитилди. Отаси эшикка қулоқ тутди, қўлидаги қошиқ эса бир он ҳавода муаллақ туриб қолди. Онасига қаради, онаси бошини дастурхонга эгганича ўтирарди. Ҳасан отасини ҳам, онасини ҳам кузатиб ўтирди. Сўнгра отасининг тўҳтаб қолган қўли ҳам, чакаги ҳам қайтадан ҳаракатга тушиб кетди. Шитирлаган товуш тобора яқинлашиб келарди. Кейин бирдан тўҳтади. Кечкурун эди. Ер дастурхонида ота, она, ўғил овқатланишарди. Дастурхонда хамирли нўхот шўрва, қовурилган товуқ, булғор палови турар, овқатлар устидаги ёғ ялтираб кўринарди. Ҳасан ўша кунги булғор паловининг ҳидини ҳеч унутолмайди.
Деразадан кетма-кетига икки ўқ узилди ва тинди. Ҳасан ўқнинг овозини кейингина эшитди ёки унга шундай туюлди. Ўқнинг овози бутун атрофни остин-устун қилганди. Онаси, отаси, бутун дастурхон туман ичида қолди. Отасининг бақириб юборганини эшитди. Онаси ҳам бир маротаба қичқириб юборди, кейин эса ҳамма жим бўлиб қолди. Туман ҳам тарқади. Ҳасан ўзига келганида ўқ овози узоқ-узоқларда, Анаварза қояликларида узун акс-садо берар, қишлоқнинг ичидан эса бўғиқ қичқирувга ўҳшаш шовқин эшитиларди. Бирдан қонни кўрди. Отаси дастурхонга юзтубан йиқилган, сочлари палов товоғига тушганди. Отасидан отилиб-отилиб кўп қон оқарди.
Ҳасан, ичкарига кирган одамнинг фақат ола-кула кўзларинигина эслайди. У онасининг қўлларидан ушлаб, туман ичидан тортиб олиб кетганди. Ҳасан жойидан ҳеч қимирлай олмас, кўзларини отасига тикканича, тўҳтамай оқаётган қонга қараб турарди. Ўқ овозлари, жарангловчи шовқин-суронлар Анаварза қояликларидан бу ерларгача эшитиларди. Сўнгра бирданига уйнинг ичи қичқириб-бақираётган эркак ва аёлларга тўлиб кетди. Отасининг ўлганини бувисининг йиғлашидан кейингина тушуниб етди. Яна нималарнидир тушунишга ҳаракат қиларди. Бу ишларнинг ҳаммасига онаси сабабчи эди. Эрталабгача бир бурчакка суянганича бўшашиб ўтириб қолди.
Ҳеч ухлолмади. Ҳаётида биринчи марта ухлаёлмас эди. Уйқусизликни, ухлолмасликнинг нима эканлигини илк маротаба ҳис қилди. Инсонлар келиб-кетишар, йиғлашар, бақиришар, қаерлардадир ўқ овозлари, шовқин-суронлар, бир ўт парчаси чўғ бўлиб оловланар, ўчар, яна оловланарди...
Ҳали тонг, кун эндигина илий бошлаганди. Қишлоқнинг катта майдонига бир ўликни келтириб ташладилар. Ўликнинг жонсиз кўзлари кеча кечқурунги каби ола-кула бўлиб очилиб, ўлганича қараб ётарди. Ҳасан бу ўликни таниди. Бу одамнинг исми — Аббос эди. Онасининг ҳамқишлоғи. Қишлоқнинг очиқ ерида қонга беланиб ётарди. Ҳасан илк марта яшил пашшаларни кўрди. Негадир шу пайтгача ҳеч яшил пашшани кўрмаган экан. Улар ям-яшил бўлиб визилламасдан, учмасдан, ўткир пичоқнинг тиғидай ялтираб, бемалол ўликнинг қонлари устида айланишарди. Ҳасан ўткир пичоқдан жуда қўрқарди. Устарани кўрса, қаролмай кўнгли айнирди. Ўткир пичоқлар-а, вуййй... Онасини ҳам шу кенг майдонга олиб келишди. Амакилари уни тинимсиз урардилар. Юз-кўзи ёрилган, оқ рўмоли, сочлари, юзи қонга беланганди. Пистонли кўйлаги қонга беланган, парча-парча бўлиб ётарди. Хотинлар, эркаклар, болалар—ҳамма қишлоқдошлар онасини уриб, тупуриб кетишарди. Ҳасан бир муддат ҳиссиз қараб турди, кейин нима бўдди-ю, ўзини онасини ураётганлар устига отди.
Амакисининг қўлини суягигача тишлаб, узиб олай деганини, унга кейинчалик гапириб беришди. Айтишларича, телбаларга ўҳшаб, тўҳтамай онасини урганларни урар, тупурганларга тупурар эмиш. Катта амакиси уни бир тепки билан ерга чўзилтириб қўйибди. Онаси эса ётган жойидан ўғлининг устига ўқдай отилиб келибди, кеча кечқурундан бери очилмаган оғзидан: «ўғлимга раҳмингиз келсин», — деган гап чиқибди, холос. Сўнгра чидолмай халойиққа қараб: «Мен ўлдирмадим Ҳалилни, мен ўлдирмадим акангизни. Мана бу ўлдирди уни, ўзи ҳам ўлди»,—дебди ерда ётган Аббосни кўрсатиб. Кейин Аббоснинг тепасига бориб, очиқ қолган қора кўзларига қараб: «Эҳ Аббос! Эй, воҳ қадрига етмаганим», — дебди... Сўнгра ҳеч қаерга қарамай, тўғри уйига кетибди.
Қишлоқдаги бир қанча уй ёниб, кулга айланди. Атроф эрталабгача ёп-ёруғ бўлиб турди. Оловнинг ёруғидан Анаварза қалъасигача кўриниб турарди.
Сўнгра жандарма келди. Бир офицер этикларини бир-бирига уриб-уриб буйруқ берарди. Яна доктор ҳам келиб, тут дарахтининг тагида оқ халатини кийиб олди. Докторнинг кўзлари қаттиқ, нигоҳлари совуқ эди. Ўша тут дарахтининг тагида Аббоснинг ўлигини ёришди. Доктор бир катта тошнинг устида Аббоснинг ўлигини қўйнинг парчалари каби кесиб, сўнг яна шу ҳолича қоп тикадиган ип билан тикиб қўйди. Ҳасаннинг кўнгли айниб кетди. Амакиси онасини парчаланган ўликнинг ёнига олиб келишга ҳаракат қилиб тинмай судрар, онаси эса келмасди. «Кел, кўр, фоҳиша, кел кўр, акамни ўлдиртирган одамингнинг ўлигини... Кел, фоҳиша, кел кўр... Мана ўйнашинг қандай ҳолдалигини кўриб қўй». Онасини ерда қумларга булғалаб судрарди.
Жандармалар, жандарма юзбоши уларни томоша қилиб туришарди... Онаси чурқ этмас, фақат бормаслик учун чиранарди, холос.
Қўшиқлар, марсиялар айтиб дадасини кўмдилар. Бувиси тўшакка михланиб қолди. Ётиб қолмасдан олдин уч ўғлини ёнига чақириб:
«Ўғлимнинг қотили кофир Аббос эмас, ўғлимнинг қотили Эсмадир», деди «Бориб қонингиз учун қасос олингда, қонингизни тозаланг. Балки энди мен бир умр ўрнимдан туролмасман, лекин, агар ўғлим Ҳалилнинг қасосини олмай, қонини ерда қолдирсангиз, бу дунёда ҳам, нариги дунёда ҳам оқ сутим сизларга ҳаром бўлсин. Ўғлимнинг қотили Эсмадир!!!»

* * *

Ҳасан билан турмада танишиб қолдим. Тунда олиб келишди. Бутун маҳбуслар унинг ёнига тўпланишиб: «Ҳафа бўлма, куюнма, ўтиб кетар», деб юпатиб кўйишди. Ҳасан эса оғзини очолмас эди. Оғзига қулф солингандай эди. Маҳбуслар унга сув, шўрва яна алланималар бермоқчи бўлдилар, лекин у на гапирди, на оғзини очиб бир нарсалар ея олди. Ўтирган жойида, оломоннинг ўртасида бирдан боши эгилиб ухлаб қолди.
Бўлиб ўтган воқеадан сўнг Ҳасан қочган ва Анаварза қояликларига беркиниб олган. Бутун қишлоқ аҳолиси уни уч кеча-ю уч кундуз қидириб топа олмаганлар. Сўнг Ҳасанни ўзининг кучуги топиб берган. Итни Анаварза қояликлари томон қўйиб юборишган ва ит уни бир эски Рум қабртошининг ичидан топган. Ҳасан қочганда қабртошининг ичига тушиб олган, қабртошининг қопқоғини эса кучи етганича беркитишга ҳаракат қилиб, уч кеча-ю, уч кундуз қимирламай ўша ерда қолган ва шу ердан уни кучуги топиб олган. Агар ити топмаса қачонгача у ерда қолиши мумкинлигини ким биларди дейсиз?!
Жандармаларнинг бири унга бир шапапоқ туширди. Ҳамқишлоқлари унга қўрқиб қараб туришарди. Қишлоқ оралаб кетишар экан, эркаклар, хотинлар, болалар, қишлоқнинг ҳаммаси кўчага чиқиб олиб, ёвуз маҳлуққа қарагандай қараб қолдилар. Ўша куни ҳамма унга лаънатлаб, одамни ҳуркитадиган нигоҳ билан тикилиб туришди.
Турмада ҳам унга шундай кўз билан қарашди. Ҳасан келган кунидан бошлаб шу чоққача ҳеч ким билан оғиз очиб гаплашмади. У билан гаплашишни хоҳлаган, унга маслаҳат бермоқчи бўлганлар кўп эди, лекин Ҳасан буни ҳам истамади. Гуё турмада эмасдай. Ўзи бу ерда, қалби, ҳаёллари эса умуман бошқа ерларда кезиб юрарди. Энди-энди овқат ея бошлаган, юзлари озиб, кўзлари катталашиб кетгандай. Борган сари озғинлашиб борарди. Бўйни узун, қулоқлари катта эди. Баданидаги териси кўчиб, шилиниб кетганди. Ҳеч кимдан бир нарса сўрамас, ҳеч нарса хоҳламас эди. Эрталаблари ва кечқурунлари кичкина бир идишда шўрва қайнатар ва битта ўзи юзини деворга ўгирганича катта нон бўлаги билан шўрвани қошиқлаб ичиб тугатарди. Деярли ҳар куни амакилари, қариндош-уруғи, ҳамқишлоқлари уни кўргани келишарди. Ҳеч бириси билан бир оғиз ҳам гаплашмас, фақатгина бўйнини букканича, юрак-юрагидан уларни эшитиб ўтирарди. Бир-икки сафар мен ҳам у билан гаплашмоқчи бўлдим, лекин у менга тикилиб қараб туриб, кейин эса яна кўзларини олиб қочдида, ўтиб кетди.
Турмада ҳар куни у ҳақида янги бир ҳикоя тўқишарди. Маҳбуслар воқеаларни ҳикоя қилар эканлар, албатта, унга эшиттириб айтишни ўзларининг вазифалари деб ҳисоблашарди.
Ҳасан бу ҳикояларни эшитиб ўтирар, жон-жонидан ўтиб кетганда, фақат киприкларини кетма-кет юмиб-очиб қўярди, холос. Қотиб қолган юзи ҳеч қандай маъно англатмасди. Кўзлари доим ерга қадалган, лаблари шўралаб кетган эди. Қулоқлари каттагина, худди елкан каби бошининг икки четида турар, юқори қисмидаги учлари пасгга қайрилиб турарди. Юзи ё қорайиб, сарғайиб кетганди. У маҳбуслар билан гаплашмагандан кейин, маҳбуслар ўзлари унинг ёнига боришарди, лекин жуда яқин бора олмасдилар. Боланинг бошидан ўтказган можаролари, туриши, нигоҳи, оғир-вазминлиги уларга бироз ваҳима солиб турарди. Турманинг энг ашаддий маҳбуси ҳам унга бироз ҳайиқиш, бироз ҳурмат билан яқинлашарди. Баъзи-баъзида эса Лутфи исмли энг жирканч, энг аҳлоқсиз маҳбус унинг қаршисига туриб олиб, оғзига келганини гапириб ташларди. Бундай ҳолатларда Ҳасан ўзини ҳеч уринтирмай, оғир гаплар айтаётган одамнинг кўзларига кўзини тик қадар, гапириб бўлгунигача нигоҳларини ундан узмасди. У эса алоқ-салоқ гапларини гапираётиб, бу ўткир нигоҳдан ўзини безовта ҳис қилиб, бироз пушаймонлик билан Ҳасаннинг ёнидан узоқлашарди.
Кўпинча шу Лутфи унинг асабига тегар эди. Лутфи деганлари инсониятнинг туйғулари, бутун яхши хислатларидан маҳрум бўлган, одобсизликда, ҳаёсизликда тенги йўқ одам эди. Унда фақат иззат-нафсга тегиш, ишончсизлик, йиртқичлик мавжуд бўлиб, муқаддас тушунчалардан асар ҳам йўқ эди. Ўтган-кетганга «суйкалар», суйкалган одами ҳам ўзини боса олмаса, ана кейин бошларди тўполонни...
Лутфи билан бўладиган мулоқотларда Ҳасанни кузатиб турардим. Нима қилар экан, деб қизиқардим. Бир сафар ўзини босди, иккинчи сафар ҳам жим бўла қолди. Учинчисида... Лутфи ҳақорат қилар экан, кўзларини унга тикмади, ерга қараганча, нималарнидир ўйлаб турди.
«Ҳа, чувалчанг, қотил... Қонхўр, ит ўғли ҳароми. Сен бир ҳаромисан турмада сенинг ҳароми эканлигининг билмаган одам борми? Бир одам ҳаромзода бўлса, унинг нокаслигини ҳамма билади. Бир ҳаромзода бу дунёда яшаса-я... Эҳ, бир ҳароми-я... Сени бир кунмас бир кун ўлдирадилар. Сен каби билагигача қонга ботган одамни бу дунёда яшаб юриши инсоният учун уят, ордир. Сен ифлоссан, ифлос ўғли, ифлос! Тўнғиз қўпган бола. Қани эди ҳукумат сени одам каторига қўшмаганда, ўзим ҳозироқ жиғилдонингдан олиб бўғиб ўлдирардим. Кўзларингни ўйиб, ўлигингни шу ерга тўшаб қўярдим, кейин эса деворнинг устидан итларга қараб отардим. Итлар сени мазза қилиб ейишарди. Ейишардида, бурчакка бориб ахлат килиб ташлашарди... Ҳа, итнинг тезаги, ит тезаги. Ўзи қонга ботган-ку, яна олифталаниб юришига ўлайми, туф-е, бўйнинг узилсин, қўтир ўғли, қўтир!»
Лутфининг оғзи кўпириб, атрофга сачрар, бутун ғазабини Ҳасанга тўкиб-сочарди. Барча маҳбуслар унинг олдига тўпланиб, оғизга олиб бўлмайдиган сўкинишларини тинглаб туришарди. Ҳасан охири ер тепиниб, ўз ўрнига қайтди, кайтаётганда Лутфи қаршисига туриб олиб, боланинг устидан ҳақоратларни ёмғирдай ёғдириб ташлади. Ҳасан тинмай терлади. Терлади, яна терлайверди. Секингина бошини кўтариб Лутфига қаради. Айни вақтда қўли шалвари чўнтагига кира бошлади. Чўнтагидан йиғма пичоқ чиқиб, чирт этиб очилганини ва Ҳасаннинг Лутфи устига отилганини кўра олдик, холос. Лутфи қандайдир, ишонилмас эпчиллик билан Ҳасаннинг қўлидан қутулиб, қоча бошлади. Ҳасан эса қўлида пичоқ билан унинг орқасидан чопди. Турманинг ҳовлисида Лутфи қочар, Ҳасан қуварди. Бу қувлашмачоқ қачонгача давом этганини аниқ билолмайман. Ҳасан тўҳтамай қувар, Лутфи эса бу орада орқасига ўгирилиб Ҳасанга ёлворарди. Бир-икки марта етай-етай дедию, қўлидаги пичоғи билан унинг орқасига икки марта урди ҳам, аммо пичоқ унинг қирқта ямоқли кастюмини кесиб кетди, холос. Лутфи чарчагандан «ёрдам беринглар» деб бақирар, оғизга олинмайдиган илтижолар билан Ҳасанга ёлворарди. Охирида Лутфи бир хонага қочиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олди.
Ҳозиргина ёлвориб турган одамига, яна бошқаттан сўкинишлар, ҳақоратлар ёғдира бошлади. Ҳасан эшикни орқасида анча вақтгача кутиб турди, кейин у ердан кетиб, ҳовлининг энг узоқ бурчагига борди-да, деворга суяниб ўтирди. Йиғма пичоғини ҳали ҳам беркитмаган эди. Ғазаб билан қўлидаги пичоққа қараб турарди.
Бу воқеадан сўнг Лутфи бир марта ҳам Ҳасаннинг ёнига яқинлашмади.
Кейинги сафар эса ичкаридаги «оғалар» Лутфини менга нисбатан гиж-гижлаттилар. Авваллари менга чидаб бўлмас разилликлар қилган Лутфи, бу сафар секингина келиб ёнимга ўтирди.
Мендан бир нарса сўрамоқчи шекилли, деб ўйладим. «Ма, ол Лутфи», — деб сигарета узатдим.
«Сен каби итнинг сигаретини фақат ўзингга ўҳшаган ҳаромзодалар чексин», — деди.
Бундай гапни ҳеч кутмагандим, ҳайронликдан қотиб қолдим. Ўзимга келганимдан сўнг, уни дўппослаб кетишимни кутиб туришарди. Шу баҳона жанжал чиқаришарди. Бирдан Ҳасаннинг олдимга отилиб келганини кўрдим. «Тўхта, оға! Мен бу ит билан олишганимга ҳали ҳам пушаймонман. Бу итдан ҳам хароб маҳлуққа теккизиб қўлингни ҳаром қилма», — деди.
Ҳасан биринчи бор гапирарди. Шундан сўнг Ҳасан билан дўст бўлиб қолдик. Турмада неча ой ўтирганимиз аниқ эсимда йўқ-ку, лекин бу ерда ўтирганимизда Ҳасан мендан бошқа ҳеч ким билан гаплашмади. Яна бир Жамусжи исмли эски турма ходими ҳам Ҳасанни яхши кўрарди. .
Узоқдан туриб Ҳасанга фол очар ва мен орқали унга етказарди. Ҳасан бу фоллардан ҳурсанд бўладими ёки йўқми, ҳеч билдирмас эди. Турма ходимини ҳар бир сўзидан, ҳар бир гапидан Ҳасанни яхши кўришини билиб турардим. Жамусжи Ҳасан ҳақида юрак-юрагидан гапирарди.
Ҳасан мен билан бир бурчакка ўтириб олиб тинмай гапирар, мен эшитардим. У доим сергак турар, мени калака қилармикан, менсимасмикан, деган фикр билан ҳар бир хатти-ҳаракатимга шубҳаланиб қараб қўярди. Мен эса унинг бу нигоҳларини пайҳамагандай, сир бой бермасдим. Уни бутун қалбим билан эшитар, дардларини тушунар эдим. Аслида Ҳасан сергап бола экан-у, лекин йиллар давомида гапирмасликни ўрганган ва ўзини қайта тарбиялаган экан. Натижада камгапликнинг устаси бўлиб кетган эди. Гапиришни бошлаши, дидига тушган одамини топиши билан, тўлиб-тошиб бутун вужуди билан гапирарди.
Ҳасан ҳеч нарсадан қўрқмасди. Ўлиш унинг учун жаннат боғига тушиш эди. Йиғма пичоғини қўлидан олиб қўйишмаганди.
Ҳасан каби ҳар нарсага тайёр, ўлимдан қўрқмайдиган, ўлимнинг кенг майдонида, унинг оғушида яшайдиган инсонларга яқинлашиш, хоҳ у жандарма бўлсин, хоҳ қароқчи ёки қотил — ким бўлса бўлсин, осон эмас. Ҳасанга фақат, ўзи каби ғалати муҳитда яшаган, ўлимнинг асирига айланган, у билан битта дорда ўйнайдиганлар яқинлаша олишлари мумкин эди.
Ҳасан туфайли, унинг дўсти бўлганим учун менга ҳам ҳеч ким тегмас, гап ҳам отмас эди. Агарда биронтаси менга ҳар хил гап ташлайдиган бўлса, Ҳасаннинг жон олувчи боқишларига дучор бўлар ва ранги докадай окариб дарров ёнимиздан кетиб қоларди.
Агар Ҳасаннинг ўзи истаса, шу қонхўр қотиллар ичида кичкина жуссаси, сузиб ташлагудек кўринувчи бўйни билан ҳам бемамол турманинг ҳокими бўлиши мумкин эди.
Турмадан чиққандан кейин ҳам Ҳасан билан айрилмадик. Иккаламиз бир кунда чиқдик у ердан. Бир ойдан сўнг унинг қишлоғига бориб, уникида ўн беш кун меҳмон бўлдим. Ҳасан қишлоқда ҳам ҳеч ким билан гаплашмас эди. На бувиси, на амакилари, на амакиларининг болалари билан, на-да қариндош-уруғлари билан. Ҳеч ким билан гаплашмасликка қасам ичгандай эди.
Ҳар гапининг бирида: «Агар сен учрамаганингда, мен инсонлигимни ҳам унутган бўлардим»,— дерди.
Дўстлигимиз анчагача давом этди, кейинчалик эса бир-биримиздан узоқлашиб кетдик.

* * *

Отасининг мотами узоқ давом этмади. Онаси ҳам ҳеч нарса бўлмагандай ўзининг иши билан машғул эди. Отасининг далалари кўп эди. Икки трактори, бир юк машинаси, бир қанча енгил машиналари, отлари, чигит экадиган машиналари ҳам бор эди. Пахта, кунжут, буғдой, шоли далалари Чуқуровада йиллар давомида экилиб келарди.
Эсма эри ўлдирилгандан сўнг дарров ўз иши билан машғул бўлиб кетди. Ишини жуда яхши бажарар эди. У ўз қишлоғидаги ўрта мактабни битирган, саводли эди. Эсма уддабуронлиги билан ўзини кўрсатди. Ҳеч кимга, амакилари, қариндош-уруғларига тобеъ, муҳтож бўлмаслигини ҳам намоён эта олди.
Ҳалил ўлдирилгандан сўнг бир ойми, икки ойми ўтиб, Ҳасанни бувиси чақирди: «Кел», деди, «Кел, толеъсизим, кимсасизим, бахтсиз ўғлимнинг муродсиз ўғли, кел!»
Ёшга тўлган кўзлари билан уни қучоқлади. Ҳам йиғлар, ҳам таьсирчан овози билан марсиялар айтарди. Унга бир жуфт янги пойабзал узатди, бугун эрталаб амакиси Қозондан олиб келганди. Ўртанча амакиси Мустафо отасини жуда яхши кўрарди, Ҳасанни ҳам. Сўнгра нақшли бир бўхчадан кўм-кўк рангли кийимлар чиқарди. Буларни эса катта амакиси Иброҳим олиб келганди. Иброҳим амакиси ҳам уни жонидан ортиқ яхши кўрарди. Қани Ҳасан бу кийимларни, пойабзални бир кийса эди, бувиси кўрса эди... Ҳасан дарров ечиниб, янги кийимларни, пойабзални кийди.
Бувиси қариб қолган бўлса ҳам чиройли эди. Баланд бўйли, нозиккина юзлари озғин, катта-катта қора кўзлари киртайган эди. Ўғли, Ҳасаннинг отаси ўлдирилгандан сўнг юзи ҳеч кулмаганди. Кеча-кундуз қишлоқ ичида мотамсаро кезиб, марсия айтарди. Авваллари бувисининг юзлари қандай кулиб турарди.
Ҳасан унинг доим кулиб турганини кўрарди. Тоғдек ўғли ўлдирилгандан сўнг ҳамма нарсалардан ётсирар эди.
Ҳасан кийиниб ясанди. Бувиси уни томоша қилар экан, илк маротаба кулди, юзи порлаб кетди. Дардли, йиғлоқи юз унга ҳеч ярашмас эди.
Ҳасан шу гапни унга айтди.
Бувиси хўрсиниб: «Эҳ болам, Ҳалилнинг ёлғиз ёдгори, оналик қурсин»,—деди. «Юрагим ёнаяпти. Оналик қурсин, онани яратмасин экан. Ўғлимнинг ўчи олинмагунча мен оёқ-қўлимни узатиб кетолмайман. Ўлсам ҳам мозоримда тикка тураман. Турсам ҳам суякларим часир-чусир қилади, чирсилласа ҳам кўзларим очиқ кетади. Ўғлимни ўлдиртирган кўзимнинг олдида бемалол юрибди. Бемалол, бағримни эзиб юрибди. Унинг устига гулдай боласини ташлаб эрга тегармиш. Қийшанғлаб-қийшанғлаб ўғлимни ўлдиртириб юборди. Энди эса бақувват гулдай набирамни ўлдиртиради. Ҳали ўғлимнинг мозори совимасдан туриб эрга тегармиш. Мен амакиларинг Иброҳим ва Мустафога айтдимки, у эрга тегса тегақолсин, лекин набирам—Ҳалилимнинг ўғли отасига тортади, бунинг устига отасига жуда ҳам ўҳшайди. Отаси каби бақувват, ота ўғил бўлади. Онаси эрга тегса, менинг набирам қора кўзим ҳам кетиб ўша оталик қилувчи билан бирга яшайдими? Менинг ўғлим, Ҳасаним, ўгай ота зулми остида яшайдими? Ҳеч! Менинг ўғлима? Ҳеч, ҳеч! Менинг ўғлим бориб, отасининг қотили, тўшагига бегона эркакни ётқизадиган хотиннинг ёнида бўйни букук, боши эгик бўлиб яшайдими? Менинг набирам...
Йиғлаб, марсиялар айтиб Ҳасаннинг бўйнидан қучоқлади ва унинг кетишига руҳсат берди. Ҳасан у ердан чиққанида ўзини жуда йўқотиб қўйган эди. Бувисининг дилида қандайдир гаплар бор эди, аммо ўша қандай гап эди. У тўғридан-тўғри онасига қасд қиларди. Отасининг қотили онаси эканлигини тўғридан-тўғри айтарди.
Уйга келди, онасини аввалгидан ҳам ҳурсанд ҳолда кўрди. Кулар, ишчиларга иш буюрар, тракторчига нималарнидир гапирарди. Тамомила бошқача эди. Аммо Ҳасан бугун онасининг юзига қаролмади. Онаси уни қучоқлаб, энди ўпмоқчи бўлганди, Ҳасан уни ўзидан нарига итарди. Онаси кийимлар унга ёққанини, ўзига жуда ярашганини айтди. Пайабзали ҳам ёққан эди. Туйғулари жўшиб кетиб, Ҳасанни яна бир қучоқлади. Ҳасан эса муздай қотиб қолганди. Эсма яна бир қучоқлади ўғлини. Ҳасаннинг туклари тикка бўлиб кетди. Эсма ўғлининг аҳволини тушунишда кечикмади. Тўҳтаб, Ҳасанга узоқ тикидди ва ҳафсаласи пир бўлгандай чуқур нафас олиб:
«Эй, воҳ», деди. «Эй, воҳ, Ҳасан... Эй, воҳ!» Юзи ўликларникидай оқариб кетди.
Пешиндан кейин Мустафо амакиси уйларига келиб, унга қўндоғи садафли милтиқ ҳадя қилди. Жуда чиройли, қадимдан қолган милтиқ эди.
«Бу милтиқни сенга олиб келдим, Ҳасан. Бу бувангнинг милтиғи. Буванг, бу милтиқни оиламизнинг ўчини оладиган, оиламизнинг илк йигитига беринглар, деб васият қилган. Бу милтиқ билан ҳам ов қиласан, ҳам истасанг оиламиз душманларидан ўчингни оласан. Қани юр мен билан. Биринчи бўлиб менинг олдимда милтиқдан отишни ўргангин».
Пастга тушишди. Анаварзанинг учига, Жайҳон ирмоғининг четига боришди.
Мустафо милтиқни ўқлади: «Ол», деди. «Ол Ҳасан! ол-да ҳув анави оқ тошни нишонга ол, кўрамиз пойлай оласанми?»
Чиройли кийимлари, пойабзали, айниқса, сопи садафли милтиғи, сопи эмас, тўғрироғи қўндоғи садафли милтиғи уни жуда севинтирганди. Амакиларидан бундай нарсаларни ҳеч кутмаганди. Улар онасига душманга қарагандай қарашарди. Қўлларидан келганда, унинг юзига ҳам қарашмас эди, аммо...
Бувиси эса номини ҳам тилга олмасди.
Ҳасан милтиқни олди, тўғрилади, оқ тошнинг ёнидан бир тутун чиқиб кетди. Амакиси унга ўқ узатиб турар, у отар эди. Энг охирида Ҳасан тошнинг учини пойлаб отди. Амакиси эса белидаги ўқдонни олиб унга узатди:
«Ол, бундан сўнг сен истаган нарсангни ўз вақтида ота оласан. Отишни кўп машқ қилишинг керак... Кўп отсанг қўлинг ўрганади ўқ узишни. Нишонга уриш, кўп машқ қилиш, кўп ўқ кетказиш билан қўлга киритилади».
Ҳасаннинг севинчи ичига сиғмас, милтиғи ҳам нақадар чиройли. Тўҳтамай ўқ узарди. Тошлардан тинмай тутун чиқарарди.
Ўқ овозлари айниқса, Анаварза қояликларида акс-садо бериб жарангларди.
«Ўқни хоҳлаганингча сарфлайвер, мен Қозондаги дўкончига тайинлаб келдим, сен қачон бориб сўрасанг, албатта патрон беради. Ундан кейин ҳам қолмаса, менга келиб айт, хоҳлаганингча олиб келаман. Яхши бир овчи бўлиб, турач уриб туширсанг, менга ҳам олиб келарсан. Яхши бир овчи бўлиб, кийик, ёмғир қуши ва қуён отиб ўлдирсанг амакингни ҳам унутмассан...
Ҳасан милтиқни ҳам, нақшиндор ўқдонни ҳам жуда ёқтириб қолди. Ўқдоннинг устига олтин ипак билан бир қанча нақш ишланганди. Бўри, шоқол, ўрдак, турач, кичик отлар, шохдор кийиклар, учаётгандай сакраб чопувчи жайронлар... Бошқа томонида эса кулиб турувчи бир бола... Худди Ҳасанга ўҳшаш.
Кеч тушганда уйга қайтишди, Ҳасан севинчидан тўлиб-тошарди. Онасининг бўйнига осилиб, уни қучоқлади. Бувисиникидан қайтгандаги аҳволи йўқ эди унинг. Ҳамма нарсани унутган эди. Унинг севинчига онаси ҳам шерик бўлди. Қандай яхши, қандай соз, амакилари Ҳасан ҳақида қайғуришни бошлаган эдилар. Бирданига орага совуқ қоронғулик чўкди. Қоронғулик тобора ичини ачитар эди. Онасининг дардини шундоққина юзидан ўқиб, унга раҳми келди. Борди-да уни яна бир қучоқлаб ўпди.
Онаси: «Мустафо», деди, амакисига «марҳамат қилиб жиянингиз билан овқатланинг». Мустафо ҳеч нарса демай, боқиш билан «йўқ» ишоратини қилиб, у ердан чиқиб кетди. «Нималар деди сенга амакинг»,—деб сўради Эсма Ҳасандан. «Ҳеч нарса демади», — деб жавоб берди Ҳасан. «Бувинг-чи, бувинг сенга нималар деди?» «Ҳеч нарса демади», — деди Ҳасан кўзларини унинг кўзларидан олиб қочиб.
 Ўша кеча Ҳасан милтиғи, ўқдонлари билан бирга ухлади. Тонг отар-отмас Ҳасан ўзини Анаварза қояликлари томонга урди. Эрталабдан кечгача Анаварза қояликларидан пат-пут деган ўқ овозлари эшитила бошлади. Озгина вақт ўтиб, ўқ узаётган Ҳасан эканлигини бутун қишлоқ билди.
Ўн беш кундан сўнг Ҳасан қўлида катта бир қуён билан кириб келди. Онаси қуённи яхшилаб пишириб, Ҳасаннинг биринчи ови дея ҳамма амакиларини чақирди. Амакилари хотинлари, болалари билан қуён гўшти ейишга келдилар. Фақат бувиси келмади.
Бир қанча кундан сўнг Иброҳим амакиси унга уч ёшли араб тойини совға қилди. Ҳасан араб тойига ҳам милтиққа севингандай, жуда ҳурсанд бўлди. Той сабабли севинчидан бир неча кун кўзларига уйқу келмади.
Узоқдан ҳамма ёқни тўзитиб юк машиналари ўтар, чанглар булутдай тўгшаниб, чўл узра осилиб қоларди. Далаларда тракторлар тарилларди. Пахта ишчилари очилган пахталарнинг олдида ўтириб, пахтани чаноғидан ажратардилар. Чигитли оппоқ пахталар дала бўйлаб уюм-уюм ёйилиб кетганди.
Лайлаклар узун бўйинлари, қирмизи тумшуқлари билан ҳосили ўриб олинган далада соллона-соллона айланиб юришарди. Ҳасан сой ёқалаб юрар, аралаш-қуралаш ўйлар сурарди, балки ўй сурмас, туш кўрарди. Булут соялари кўзлари ўнгидан тез-тез ўтиб, узоқ-узоқларга, бинафшаранг Торос тоғлари томонга оқаётгандай ўтиб кетарди. У ёқалаб кетаётган сой турғун, устини чанглар, сомонлар кўмиб ташлаганди.
Ҳасаннинг бўйни чўзилган, қорайиб, қарияларникидай бурушиб кетган эди. Ўзи-ўзи билан гаплашадиган одати бор эди. Балки туш кўрарди. Кўпириб кетган бир нарсалар ҳақида... Кимлардир гапирарди. Балки у бир ҳамқишлоғидир, балки бувиси, балки Зола исмли қори, балки амакилари, балки эса Алиф исмли қиз, балки... Одамлар гапирардилар, у олар, бу ташлар, яна олар, наригиси ташларди. Бошни айлантириб юборадиган тезликда ҳаммаси ўсиб, ривожланиб борарди. Юлдузларгача тинглади, яна тинглади. Доим тинглайверарди.

* * *

Эсманинг орқасидан Аббос келди. Яна бир марта келди. Турмадан қочганди. Эсма унга, кет Аббос, дея ёлворди. Турмага тушиб қолдинг, ҳамма нарса тугади. Аббос эса кетмади. Бир-бирларига термулишиб қолдилар. Биронтаси кўриб қолади бизни, эртага келарсан Аббос, деди Эсма, Аббос орқага чекиниб кетди. Қўлида яп-янги бир тўппонча бор эди.
Сочидан тирноғигача ўқдонлар билан ўралганди. Аббос, сен тоғга беркин, деди Эсма. Аббос тоғ тарафга чекинди. Аббос Эсмани телбаларча севарди. Эсма ҳам унга бўлган муҳаббатидан телба бўлаёзганди. Аббос тоғ тарафга чекиниб кетди. Эсма эса унинг орқасидан кетмади. Эртасига Аббос яна келди. Тут дарахтининг соясида, серрайиб турарди. Ойнинг қуюқ нурлари сочилиб турарди. Эсма уйидан чиқди. Эри Ҳалил уҳлаётган эди. Эсма Аббоснинг ёнига борди. Кет Аббос, деди, етти ёшли болам бор. Менга раҳминг келсин. Сени ҳам мени ҳам ўлдиради булар, деди. Аббос кетмади. Ўша тун дарахтининг тагида, сояда, ойнинг қуюқ нури остида тикилиб қолди. Ҳеч гапирмасди. Милтиғи елкасига осилган эди. Ўлдиришади, кет бу ердан, деди Эсма. Аббос эса жим турарди.
Унинг турмадан қочганини Эсма эшиттан эди. Эсмани Аббосга бермаган эдилар. Эсма туфайли уч кишини ярадор қилганди. Иккитаси фалаж, биттаси чўлоқ бўлиб қолганди. Аббосга кўп муддат берилди. Уни Диёрбакирдаги турмага ҳамашди. Ҳалил ҳам Эсмага ошиқ бўлган, лекин Эсма уни ёқтирмаганидан сўнг, бир кеча уни отасининг уйидан, олти киши билан бирга куч билан олиб қочишди. Қўл-оёғини боғлаб номусига тегмоқчи бўлди. Эсма чираниб қаршилик кўрсатди. Бир ҳафтадан сўнг, унга афюнли шарбат ичириб, ўз ниятига эришди.
Эсма ўзига келганидан сўнг, бўлиб ўтган воқеани тушунди. Боши айланиб, тинмай қусарди. Ўз-ўзидан уяларди. Ундан тинмай қон кетарди. Ҳалил уни уйига олиб келди ва дарров имомни чақиртириб, ўша ерда никоҳлатиб олди. Ўша куни бир оздан сўнг ҳукумат никоҳидан ҳам ўтишди. Ҳалил доктор олиб келди. Доктор қон кетишини тўҳтатди. Эсма бир йил давомида на эри билан, на қишлоқ аҳолиси билан гаплашди. Уч маротаба тунда уйдан қочди, уч сафарида ҳам Ҳалил уни йўлда тутиб олиб, қайтариб келди. Онаси эса, бу фоҳиша сенга яхшилик келтирмайди, қўйиб юбор уни, кетсин, шу туфайли бир бало орттирмагин бошингга, дерди. Ҳалил онасига кулиб ўтиб кетди. Зўрлаб хотин қилиб бўлмайди, Ҳалил, қулоқ тут онангнинг гапларига, болам, деди. Биттаси шу туфайли ўтирибди, ахир.
Кейинчалик Эсма гапира бошлади. Ҳамма нарсани унутгандай кўринарди. Худди бир йил ҳеч ким билан гаплашмаган, тўшакка кирганда телбаларча паришон бўлиб қолган у эмасди, гўё. Боласининг туғилиши уни шундай ўзгартириб юборганди. Боласидан бошқа ҳеч нарсани ўйламас, боласидан бошқа ҳеч нарсани кўрмас эди. Кулар, завқланар, меҳнат қиларди. Қишлоқдаги ҳамма уни яхши кўра бошлади. Ҳаммага, ёнига келган ҳар бир кишига ёрдам қиларди. Хастанинг, дардманднинг бошидан кетмас, қишлоқда биронтасининг кичик бир иши бўлса ҳам, Эсма ўша ерда бўларди. Боласи ўсиб-улғайди.
Энди эса Аббос келди. Турмадан қочганди. Аббос Эсма туфайли, унга бўлган муҳаббати туфайли бу тарафларгача донғи кетган эди. Ҳамма бу ишқ савдосининг энг нозик ерларигача билар эди. Анаварза водийсида бу савдо тилларда достон бўлган эди. Аббоснинг муҳаббати ҳақидаги қўшиқлар ҳалигача айтилар, бу қишлоқда ҳам куйланар эди. Эсма, кет Аббос, мени. яхши кўрсанг, муҳаббатинг чин бўлса, кет, бошқа қайтиб келма, деди. Аббос ўша тут дарахтининг тагида эрталабгача тикилиб турди. Эсма ҳам қаршисида шундай тикилиб қолганди. Кун чиқар экан, Аббос юра бошлади, Анаварза қоялари томонга чекиниб кетди. У кўздан ғойиб бўлгунча Эсма оёқларининг учида туриб, уни кузатиб қолди.
Аббос бир ой давомида бу атрофда кўринмади. Эсма ҳар туни тонггача кутар, Аббосни кўргиси келарди. Аббос кўринмас эди. Бир куни эрталаб, Эсманинг юраги ҳапқириб кетди. Кун чиқай-чиқай деб турганди. Хавотирланиб зинадан тушди. Аббос, сен Анаварза қоялиги томонга кет, мени ўша ерда кутиб тур, ўзим топаман сени деди. Аббос ҳеч овоз чиқармай юриб кетди. Эсма кун исигунга қадар озиқ-овқат тугилган тугунини белига боғлаб қоялар томонга отланди. Қишлоқдан чиқаётганини ҳеч ким кўрмаган эди.
Шу тариқа бир-икки ой давомида Эсма Анаварза қоялигидаги ғорларнинг бирига яширинган Аббоснинг олдага келиб-кетиб турди.
Бир сафарида Ҳалил унинг кетига тушди. Негадир уларни ғордан топа олмади. Аббос уни кўрган эди. Отмоқчи бўлди, лекин Эсма йўлини тўсди. Бир неча кунлардан сўнг Анаварза қоялигини жандармалар ўраб олдилар. Аббос жандармалар билан бир кечаю, бир кундуз отишди. Охирида жандармалар уни қўлга олдилар ва кишанлаб Қора кўлга олиб кетдилар. Йўлда эса Аббос уларни чалғитиб қочиб кетди. Қочар-қочмас яна орқага, Анаварза қояликларига қайтди. Эсма уни қайтиб келишини билиб, кутиб турганди. Аббос тут дарахтининг тагига келди. Тут дарахтининг тагида сояси тикка бўлиб кўриниб турарди. Бир неча бор Ҳасан ҳам уни кўрди. Эсма унинг ёнига борди ва улар қучоқлашдилар.
Анаварза қояликларида яна отишмалар бўлиб ўтди, икки жандарма яраланди. Ҳалил ҳам яраланганди. Курт жарроҳ унинг ярасини боғлаб қўйди.
Унинг юзлари узун, кўзлари қоп-қора, доим кулиб турарди. Бўлиб туради, бундай ишлар, бўлиб туради, дерди.
Сўнгра бир кеча, ҳали оқшом азони ҳам ўқилмаган вақтда, бирдан ўқ отилди. Ҳалил, Эсма ва Ҳасан ер дастурхонида ўтириб, овқатланишарди. Бир ўқ деразадан учиб кирди , ўқ овози атрофни остин-устин қилди. Бир қичқириқ эшитилди, ҳамма ёқни тутун қоплади, Ҳалил дастурхонга юз тубан йиқилди. Тўҳтамай қон оқарди. Уйни милтиқ дорисининг ҳиди тутиб кетди.
Сўнгра Анаварза қоялигидан Аббоснинг мурдасини олиб келдилар. «Сўнгра... сўнгра... Аббоснинг мурдасини қишлоқдан ташқарига отиб юбордилар. Ўликни итлар парча-парча қилиб ташлаганди. Эсма Аббоснинг ўлигини итлардан халос қилиш учун тунда битта хизматкор билан йўлга тушди. Ўликни итларнинг чангалидан зўрға қутқариб, қопга жойладилар. Хизматкор билан бирга Аббоснинг мурдасини Анаварза тепалигига олиб чиқиб, эрталабгача чуқур бир гўр қазидилар ва ўша ерга Аббосни кўмдилар. Бу воқеани ҳамма эшитди.
Қишлоқда қиёмат бошланганди. Мустафо амакиси Эсмани тинмай тепкиларди. Фоҳиша, фоҳиша, акамнинг қотили, фоҳиша, дея тинмай бақирарди. Сени яшатмайман, тинч қўймайман сени. Ўликни, у итнинг ўлигини қаерга олиб кетдинг. Ё ўликни, ё жонингни берасан, дерди. Эсма оғзини ҳам очмасди. Бутун қишлоқ бир бўлиб бақирар эди. Хотинлар, эркаклар, қариялар, болалар Эсмага оғзига келганини айтишарди.
Барча қишлоқ аҳолиси, олдинда амакилари, энг бошда бувиси туриб, Аббоснинг мозорини топиш учун неча кунлаб Анаварза қоялигини қидирдилар. На мозорни топдилар, на Аббоснинг кичик бир парчасини. Эсма эса оғзини ҳам очмасди.
Бир ит қип-қизил тилини осилтириб, ёнига келиб турди. Сув бамисли ўликдай тўҳтаб қолган эди. Устини чанг, сомон чўплари, янроқлар қоплаб ётар, худди оқмаётгандай эди. Юзи бурушиқ-бурушиқ. Ёнига узала тушди. Узун, нозик лаблари бурушган эди. Бақувват чакаги ўжардай кўринарди. Ўғли ўлдирилгандан бери қора рўмол ўраб юрарди. Хинага бўялган сочлари қора рўмолининг тагидан қизариб кўриниб турарди. Қўлида қалин ҳамишдан ясалган таёғи ҳам бор эди. Келиб ёнига чўккалади. Узоқда Дулдул тоғи мис ранг бўлиб кўриниб турарди. Атрофни питироқ деб аталувчи тиканли ўсимликнинг бўйи тутиб кетганди. Иссиқ ҳам Анаварза қояликларидан оққан сувга ўҳшаб биқилларди. Сув кумуш буғдеқ саллониб, қавога осилиб, тўлқинланарди. Ҳасан унга қеч қарамасди. У гапираётганда, қарамасданоқ унинг биттагина, учли, қорайиб-чарғайиб кетган олд тишини кўрарди. Ингичкалигидан синай деб турган белига ипакдан белбоғ боғлаганди. Юзи қоп-қорайиб кетган. Ипакли белбоғининг сариқ, қизил, зангори рангли шокилдалари тиззасигача тушиб турарди. Қизлигидан бери шундай белбоғлар боғлаб юрарди бувиси. Ўғли ўлдирилгандан бери сочидан тирноғигача қора кийимларга ўранган, ёлғиз шу белбоғини ечмаганди. Ўлганда ҳам шу белбоғ билан бирга ўлади. Балки шундай деб васият қилгандир.
Орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, у ҳанузгача Аббоснинг фоҳиша келини Анаварза қояликларига беркитган мурдасини қидирарди. Топиб, у итнинг мурдасини, итларга ташлаб, бургутларга ем қилмоқчи эди. Шу мақсадда ҳаммага пул тўлаб ўликни қидиртирарди. Ана топамиз, мана топамиз, дея кунларини ўтказарди бувиси. Келини бўлмиш Эсманику, айтмаса ҳам бўларди, лекин ўғиллари ҳам одамгарчилиқдан чиқкан эдилар...
«Эй арслоним, эҳ паҳлавоним Ҳасан, отангдай бақуваат, қўрқмаси йўқ эди бу бутун бошли Чуқуровада. Отанг тирик қолиб, унинг ўрнига Мустафо ўғлим ўлдирилганда ёки Иброҳим ўғлим ўлдирилганда эди, кўрардинг Ҳасан, Ҳалилим, арслоним, эр йигитим, ўша вақтнинг ўзидаёқ бир хотинни эмас, балки ўша хотиннинг ўтови, уруғ-аймоғи, бутун армияси билан кулини кўкка совурарди. Сенинг амакиларинг ҳам одамми, одам бўлсалар эди, отанг ўлдирилган куни, ўша келинни тутиб келиб, сочларидан судраб, отангнинг қабри устига олиб келардилар ва ўткир устара пичоғи билан бўғизлаб ташлардилар. Калласини бир тарафга, танаснни бошқа тарафга отиб юборардилар. Ҳозир эса ўша келин, набирамнинг онаси, сенинг онанг бўлиб кўз ўнгимда ликиллаб юрмасди. Отанг тириклигида онанг шундай фоҳишалик қилсайди... Онангнинг ўлигини итларга, бургутларга ташларди...
Сенинг отанг кабиси борми эди. У Анаварзанинг бургутларига ўҳшарди. Амакиларинг қуриб кетсин, улар ҳам одамми энди? Эҳ, сен катта бўлганингда эди, балоғатга етиб, қўлингда бир милтиқ ушлай олганингда эди, у онанг бўлмиш фоҳишани, уни...
Сен... сен, сен Ҳалилимнинг ўғлисан ахир. Ҳалилим Бинбўға бургутига ўҳшарди. Халилим Дулдул лочини, Али тоғ шунқори каби эди. Эҳ, Ҳалилим...»
Ҳасан эшитиб ўтирар, ҳеч бир ерга қарамай, юзида ҳеч қандай ўзгаришсиз, қимирламасдан, кўзларини чанг-тўзон қоплаган сувга қадаганча эшитиб ўтирарди.
Каттагина, қора-мовий қушдек катталикдаги капалак учар, сувга тушиб, тезлик билан яна ҳавога кўтариларди. Ҳасаннинг кўзлари капалакда; бир пастга тушади, бир тепага чиқади. Капалаклар кўпайиб, устидаги мовий гул очган бута тарафга учиб кетишди. Бута борган сари мовийлашарди. Катга-катта мовий рангли капалаклар ҳам тўп-тўп бўлиб шу бутага қўнишарди: Сўнгра бута кўм-кўк тусга кирарди, ҳар хил нақшли, қора, тўқ зангори тусларга.
Бувиси йиғларди. Бир марсия айтиб, ўрнидан турди: Халилим, Халилбейим, дерди. Лекин боланг эр-йигит. Шундай ўғлинг бор, лекин ҳали бир қарич-да. Сени ўлдирганлар сенинг уйингда, боланг ёнида, пешона теринг билан топган молу давлатингни совуриб, мозорингни оёқ-ости қилиб яшаб юрибдилар.
Мен онаман, унинг онасиман, бу ишларга қандай чидаб тураман ахир, мен унинг онасиман-ку... Анаварза қояликлари томонга қараб юрди. Овози Анаварза қояликларига урилиб жаранглади.
Анаварза қоялигига бориб, бир тошнинг устига ўтирди. Кун ботаётган эди. Яна марсиясини юрак-юракдан айта бошлади. Ҳасаннинг бўғзига бир нарса келиб тиқилди.
Сени ўлдирган, деди бувиси, сени ўлдирган яқинда эрга тегади. Сени ўлдирган ўз ётоғига бегона бир эркакни ётқизади, паҳлавоним. Сенинг ўчингни оладиган ҳеч кимим йўқ, болам. Фақатгина набирам, сенинг ўғлинг бор, лекин у ҳали жуда кичкина. Мурғак бўлмаганида эди, сенинг қонингни ерга ташлаб қўймас, онаси бўлса ҳам аямас, тўшагингга ҳеч кимни киритмасди. Энди эса сенинг покиза тўшагинга, севгилингнинг — сени ўлдирганнинг қўйнига бошқаси киради. Сен қабрингда чириётган бир вақтда у қонингни булғалаб кайфини суради. Укаларинг иймонсиз чиқдилар, ақалли бир хотинни ўлдиролмадилар-а, Халилим, Ҳалилим, паҳлавон Ҳалилим....
Ўғлингнинг қўлида садафли милтиқ, тагида араб тойи, белида эса кумуш ханжар... Афсуслар бўлсинким, ўғлинг жуда кичик. Милтиқни ақалли тўғрипаб ушлолмайди, бечора, кап-катта хотин тугул кичик бир чумолини ҳам ўлдиролмайди, бечора...
Қичқирувлари акс-садо берар, фарёди то пастларгача эшитилиб, яйловларда, қояликларда жарангларди.
Кеч тушгандан сўнг уйга қайтди. Онаси олдига овқатини қўйди, у эса еёлмади. Эсма ўғлига гапирса ҳам ўғли унга гапиролмади, худди оғзига қулф солингану, у очолмаётгандай эди. Ўша кеча эрталабгача ухлолмади, онасининг юзига ҳам қаролмади. Онаси хавотирлана бошлаганди ундан. Тинмай гапирар, ўғлини қучоқлаб ўпарди. Бир куни Мустафо амакиси билан онасининг суҳбатини эшитиб қолди. Унинг эшитиб турганини на амакиси, на онаси биларди.
«Сенинг ҳеч қандай гуноҳинг йўқ синглим», дерди Мустафо. «Бари бир бу ерларда қолмаслигинг керак, кетгин. Сени ўлдирадилар, синглим. Сени ўлдирмаганим учун онам мен билан гаплашмаяптилар. Иброҳим эса сени ўлдирмоқчи, фақат мендан ҳайиқиб турибди. Сен соғ-омон юраркансан ҳамда шу уйда яшаркансан, онам бари бир тинч қўймайди сени. Кет синглим, бу ердан. Мол-мулки ҳам қурсин, бола-чақаси ҳам... Огоҳлантириб қўяяпман, қон тўкилиши, муқаррар... Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Бутун қишлоқ, бутун Анаварза аҳолиси сени Ҳалилнинг қотили деб билади. Бу ерда қолсанг... Мен ҳам ўлдиришим мумкин,синглим. Бошингни олиб кет-да,ўз жонингни қутқар. Бу уйда ортиқ қон тўкилмасин. Ҳеч ким бу ишни шундайлигича қолдириб қўймайди. Агар мен ўлдирмасам, менинг ўғилларим сени ўлдиради, улар бўлмаса, Иброҳим ўлдиради, Иброҳим ҳам ўлдирмаса, онамнинг уруғ-аймоқлари, тоғаларим, тоғаларимнинг ўғиллари ўлдирадилар. Сенинг ўлим варақанг бўйнингда осиғлиқ турибди. Агар ҳеч ким ўлдирмаса, онам сени ўз ўғлинг — Ҳасанга ўлдиртиради...»
Эсма қимирламай, ғалати бир овоз билан: «Ундай бўлса, мен кета қолай», — деди. «Мол-мулки ҳам, давлати ҳам керак эмас, барчаси ўзингизга буюрсин, фақат ўғлимни менга беринг, ҳеч нарсангизни олишни хоҳламайман, ёлғиз ўғлимни қолдиринглар менда».
«Бунинг иложи йўқ»,—деди Мустафо. «Бўлмайди, Ҳасанни олиб кетолмайсан».
«Ундай бўлса мен ҳам кетмайман», — деди Эсма. «Ўғлимсиз ҳеч қаерга кетмайман. Ундан айрилолмайман».
«Ҳасанни олиб кетолмайсан, кетсанг, фақат ёлғиз кетишинг мумкин. Ҳасанни сенга бермайдилар. Сенга юрагим ачиганидан гапиряпман бу гапларни... Сенинг ҳеч қандай айбинг йўқ бўлсада, барибир ўлдирадилар. Сенинг умринг тугади».
«Ҳасансиз кетмайман», — дея такрорлади Эсма.
«Ўзинг биласан, акс ҳолда ўласан», — деди Мустафо. «Ўзингга раҳминг келмайдими, ҳали жуда ёшсан...»
«Кетолмайман», — деди Эсма. «Ўғлимни ёнимга олмай, ҳеч қаерга кетмайман, кетолмайман. Қандай кетай ахир, ундан бошқа ҳеч кимим йўқ менинг...»
«Яна айтаман сенга, қайта-қайта айтяпман. Бу ердаги умринг жуда оз қолди. Сен туфайли одамлар орасида юролмай қолдик. Сени ўлдиришдан ҳам осон иш бор эканми?! Ҳалилни сен ўлдиртирдинг, сен. Сен ўлмагунингча итлар ҳам боқмайди юзимизга», — деди Мустафо.
«Оёқларингизни ўпай, оғажон, мен Ҳасансиз ҳеч қаерга кетолмайман. Ўлсам хам ўғлимнинг ёнида ўлай. Ўғлим ёнимда экан, армонсиз ўламан. Ўғлимсиз яшашдан кўра унинг ёнида ўлганим афзал...»
Мустафо ўрнидан турди. Бўйлари узун, елкалари кенг, юзи катта, кўзлари қонга тўлганди унинг. Ҳасан ундан қўрқиб кетди. Ўзининг устига юриб келаёттандай эди. Қоронғуда ундан ҳам катталашиб кўринди. Онасини ўлдиришларини биларди. Ўша куни Мустафо амакисини жуда яхши кўриб кетди. У онасини қутқаришни хоҳларди.
Шундан сўнг қишлоқда ҳам, уйда ҳам жимлик бошланди. Бувиси ҳам, қишлоқликлар ҳам, ҳеч ким онасидан сўз очмади. Отаси ўлганидан буён бундай сукунатни кўрмаган эди.
Сукунат балки ўн кун давом этгандир. Онаси эрталаб сочларини тараркан, ҳуркиб, ҳадиксираб ўй сурарди. Қўрққанидан тили калимага келмас, уйнинг у бурчагидан бу бурчагига бориб келарди.
Тун эди, эшиклар зарб тепилиб очилди. Уч киши уч тарафдан хонани ўққа тутишди. Онаси уйда йўқ эди. Хонани фонарлар билан текшириб чиқиб, тўшакка қарата ота бошладилар. Ҳасан уйнинг бурчагига тиқилганча қотиб қолганди. Қимир этмасди.
Уларнинг бири Ҳасанни кўрди ва бор кучи билан биқинига тепди.
«Фоҳишанинг киндигида пайдо бўлган, фоҳишанинг. Отасининг қотили қорнида ётган нокас ўғил...»
Яна бир-икки маротаба бели аралаш биқинига тепди.
«Қаерга қочди фоҳиша онанг?» деб сўради. Ҳасан жавоб бермади.
«Қушнинг қанотига, илоннинг инига кириб яширинса ҳам, у фоҳиша онанг ўлдирилажакдир. Бугун топа олмасам, эртага топаман, эртага бўлмаса, бир кун албатта топаманда, бурда-бурда қилиб ташлайман. Жияним Ҳалилнинг қонини бир фоҳишага булғатиб қўймайман. У яшаб юраркан, паҳлавон Ҳалилимнинг суяклари гўрида чирсиллаб синиб ётади...»
Ҳасан чурқ этмади, уларнинг ким эканликларини билди. Қаердан келганликларини ҳам биларди. Улар бувисининг тоғлик қариндошлари, укалари, жиянлари... Уларнинг бариси қонхўр эдилар.
Уйнинг ҳамма ерини қидириб, Эсмани топа олмадилар. Ҳар бири Ҳасанни жон олувчи тепкипари билан тепиб:
«Бу ҳам одамми?» дедилар. «Отасини ўлдирган хотин билан юзма-юз, ёнма-ён яшаб юрибди. Бу одам эмас, тўнғиз қавми, чўчқа қавмидандир», — деб чиқиб кетдилар.
Эсма ҳовлидаёқ уларнинг оёқ товушларини эшитиб, уйдан секингина чиқиб кетган, тўғри қишлоқ ташқарисидаги полиция маҳкамаси томонга чопа бошлаган ва полиция ходимларига воқеани тўлалигича айтиб берган экан.
Эрталабга яқин Эсма ўн бешта жандарма билан қишлоққа кириб келди. Лекин ҳеч кимни топа олмадилар. Иш прокуратурагача кўтарилди. Эсма бу ишни шундайлигича ташлаб қўймади. Прокуратурага ариза ёзиб: «Мени қайни укаларим ўлдирмоқчилар. Агар мени ўлдирсалар, қотилни қайинларим деб билгайсизлар», —деди. Бу аризанинг шов-шуви бутун қишлоққа, Анаварза қояликларигача тарқалди.
Бувиси: «У ўлади», — деди. «Темир сандиққа кириб яширинса ҳам, то мен тирик эканман, у албатта ўлади».
Эртами-кечми, бари бир ўлдирилишини Эсманинг ўзи ҳам биларди. Қўрқув ичида эрталабгача ухлашмасди. Ҳаттоки сочларини ҳам кўрпасининг тагига яшириб тарарди.
Бу орада Мустафо Эсмаларнинг уйига бир неча бор ярим кечалари, ҳеч кимга кўринмай келиб кетди. У Эсмага тинмай ёлворарди. Қўлимизни қонга булғама, дерди. Бу қишлоқда шу қадар кўп қон тўкилдики, ортиқ кўмиб юборадиган даражага етди. Кет синглим, кет, яна бир карра қўлимизни қонга булғама, дерди. Сен яшаб юраркансан, биз тирик мурдага айланамиз. Кўз ўнгимизда акамизни ўйнашингга ўлдиртирдинг. Энди кет, кет, нима қилади-а, кета қолсанг?
Ўлдиринг, ўлдиринглар, мен бари бир ўғлимсиз ҳеч қаерга кетмайман, деб қичқира бошлади Эсма.
Сенга ҳеч ким ўғлингни бермайди. Ўғлингсиз кетасан, Эсма.
Кетмайман, кетолмайман, деб такрорларди Эсма қайсарлик билан.
Бир кеча яна Эсма ўз тўшагида сочларини тараётганида, бирдан қўллари тўҳтаб, тароқ эса сочида осилиб қолди. Ҳасанга ўгирилиб, унга маъноли қаради. Ҳасан ҳам унга қараб турарди. Кўзлари тўқнашиб, бир-бирларини тушунгандай бўлдилар. Эсма ётоғидан ўқдай отилиб, тўғри сандиғи ёнига келдида, уни очди. Зотан у кийимларини ечмасданоқ тўшакка ётган эди. Ҳасан ҳам онаси билан бирга ўрнидан турди, кийинди, милтиғини қўлига олди. Сандиқ очилиши билан хонани ёввойи олманинг ҳиди тутиб кетди. Онаси керакли нарсаларни тез-тез бўхчага тугди. Дарҳол йўлга тушдилар.
Эрталабгача юрдилар. Бўзқуйи текислигидан ҳам ўтдилар. Тиканзоргача етиб олишганда эди, ҳаммаси тугарди, ўрмонда беркиниб олишлари мумкин эди. Ўрмонда эса уларни ҳеч ким топа олмасди. Бўзқуйи яйлови — теп-текис, яланғоч. Кафтдай очиқ ерда кетардилар.
Орқада чанг-тўзон кўтарган отлиқлар кўринди. Бир водийга ўтиб, бутазорнинг ичига яшириндилар. Отлиқлар бутазорга келиб, беркинган жойларидан, худди ўзлари беркитгандай, топиб чиқардилар. Отлиқлар орасида Мустафо ҳам бор эди. Ҳасанни тутиб Мустафонинг эгарига ўтқаздилар. Ҳасан индамай турарди. Мустафо:
«Энди сен кетавер, хайр, хоҳлаган ерингга кет, Эсма».
Отларни тинмай қамчиладилар. Ҳасан жуда чарчаган, уйга келар-келмас ухлаб қолганди. Тўғрироғи, отнинг устидаёқ ухлаб бўлганди. Уйга келганларидан сўнг бир оз уйғониб, оёқлари чалишиб, зина ёнидаги устун тагига йиқилганча ухлаб қолди.
Ҳасан уйғонганда, бувиси яна дардли овози билан фарёд урар, ўғлининг қотили Эсмани қарғарди.
Бирдан Ҳасаннинг қулоғига: «У ўғлини олдириб қўйгандан сўнг, бизнинг кетимиздан изма-из қайтиб келди», — деган гап чалинди. Ўз-ўзига сиғмай, дарров уйлари томонга чопди. Зотан уйлари бувисининг уйи билан қарама-қарши, ҳовлининг нариги бурчагида эди.
Эсма уни кўриши билан севиниб, қучоқлаб олди. Ҳасан эса яна унинг юзига қарай олмади. Қаршидаги уйдан бувисининг увиллашга ўҳшаш фарёди, қарғишлари ҳанузгача эшитилиб турарди.
Бу воқеадан сўнг яна анчагача қишлоқда сукунат ҳукм сурди. Деярли ҳеч ким Эсма билан гаплашмас, юзига ҳам қарамасди. Худди бу қишлоқда Эсма яшамаётгандай, бундай инсон бўлмагандай, бу қишлоққа бундай инсон келмагандай эди.
Фақат Ҳасаннинг боши балога қолди. Қаерга бормасин, қаерга қарамасин, нима иш қилмасин, доим бувиси қаршисида турарди. Доим фарёд ураётганини, баддуолар айтаётганини кўрарди. Сўнгра бутун қишлоқ аҳолиси — болалар, қариялар, ёшлар ҳар ерда, хар қандай ҳолатда ҳам унга эшиттириб, отаси, отасининг қотили онаси, ёниб кул бўлган бувиси ҳақида гапирардилар.
Қишлоқ уйқуда эди. Бир хўроз уч марта қичқирди-да, жим бўлди. Бир ит тинмай ҳурарди. Эсма ит ҳуришидан жуда қўрқарди. Итнинг ҳуришини эшитиши билан туклари тикка бўлиб, дуолар ўқишни бошларди. Хонага қоронғи чўмганди. Ҳасан гапира бошлади. Онасининг қорасини ҳам кўрмасди. Унинг кичик бир ҳаракатини кўрса ҳам гапиролмасди. Буни Ҳасан жуда яхши биларди.
«Бу кеча йўлга тушамиз. Қаерга кетсак ҳам бошқа йўлдан кетамиз.
Улар бизни қидириб топсалар, сизни ташлаб кетгунларигача, мен буталар орасида яшириниб тураман. Кейин сизга етиб оламан. Сўнгра кетадиган еримизга кетаверамиз. Хўпми?»
«Хўп»,—деди онаси.
Ҳамма нарсалари, бўхчалари тайёр эди. Нарсаларини қўлларига олиб йўлга тушдилар. Кун чиқар-чиқмас отнинг тапир-тупур товушларини эшитиб, орқаларига ўгирилиб қарадилар. Изларидан бешта отлиқ катта тезлиқда келарди. Ҳасан дарров қора бутанинг атрофидаги маймунжонлар орасига кириб, кўздан ғойиб бўлди.
«Сиз кетаверинг», — деди онасига, «улар сизни ташлаб кетишгандан сўнг, мнн чопиб орқангиздан етиб оламан».
Онаси юра бошлади.
Бир оздан сўнг отлиқлар унга етиб олдилар. Мустафо, «Ҳасан қаерда?» — дея ғазаб билан сўради. «Қўлимни қонга булғама», — деди.
«Ҳасан уйда қолди, мен уйдан чиқаётганимда, у ухлаб ётган эди. Уйғотмадим бечорани. Ухлаб қолди».
«Йўқ», — дея бақирди Мустафо «ёлғон, ёпғон... Қўшнилар иккаловингизни бирга чиқиб, қочаётганингизни кўришган».
«Уйда ухлаб ётибди», — деди Эсма.
«Ўлдираман сени»,— деди Мустафо.
«Ўлдир, ўлдир. Зотан ўлдирмасдан нима қиляпсизлар. Мени ҳар куни, ҳар куни ўлдирмоқчи бўласизлар», — деди бақириб Эсма. «Акангизни мен ўлдирмадим, Аббос ўлдирди. Ўчни эса бориб Аббоснинг ака-укаларидан, қариндош-уруғидан олинглар. Фақатгина мени топиб олиб, мендан оласиз акангизнинг ўчини, шундайми? Леклардан қўрқасизлар, шундайми? Лекларга яқинлашишга юрагингиз дов бермайди, тўғрими. Акангизни мен ўлдирмадим. Аббос ўлдирди акангизни, бунинг устига хотинини ҳам олиб қочди. Боринглар, ўчингизни ўшалардан — унинг қариндошларидан олинг. Олинг-да, номусингизни тозаланг».
Бир қамчи Эсманинг юзига чийиллаб келиб тушди. Сўнгра кетма-кет туша бошлади. Отлиқлар уни ўртага олиб қамчилардилар. Эсма ўзини тутолмай қичқириб юборди-ю, қилган ишидан пушаймон бўлди. Буни боласи эшитган бўлса-чи?
Ҳасан бутазордан чиқиб, бўлаётган воқсани кузатиб турарди. Онасининг қичқириғини эшитиши биланоқ бор кучи билан улар томонга чопа бошлади. Келди-да, ердан тошлар йиғиб, отлиқларга ота кетди. Ҳам бақирар, ҳам отлиқларни тошбўрон қиларди. Тош отавериб отларни ҳам ҳуркитиб юборди. Ҳасан ақлдан озгандай эди. Тўрт тарафга югуриб, тош йиғиб, тинмай отарди.
«Эҳ», — дерди ўзига-ўзи. «Эҳ, эшак мия, нега милтиғимни олмадим-а?! Олганимда эди, буларнинг ҳаммасини жонсиз ерга қулатардим».

* * *

«Милтиқни нега олмадингиз, Ҳасан?»
«Милтиқни улар беришганди. Ҳадялари бошларида қолсин. Уларнинг ҳеч нарсасини олиб кетгим келмади. Катта бўлганимда эса ўзимга тегишли молу давлатни зўрлик билан қўлга киритар эдим. Катта бўлишимга ҳам айтарлик кўп вақт қолмаганди».
«Отни нега олмадингиз Ҳасан, отга миниб қочганингизда тезроқ қочмасмидингиз?»
«От ҳам уларники эди. Мен олмоқчи эдим, лекин онам хоҳламадилар».
Моллари, отлари бошларида қолсин уларнинг, дедилар. Истамадилар. Мени тинч қўйиб, ўғлимни менга берсалар бас, бошқа нинадек нарсаларини олишни хоҳламайман. Қолган ҳамма нарсалар, оналарининг сутидай ҳалол бўлсин уларга, дедилар.
Ҳасан отларни ҳуркитиб-ҳуркитиб, амакисига қарата бир тош отди. Мустафонинг ёноғи қонади.
Эсма ерда ётар, уст-боши, сочлари, қўллари, қошу киприги оппоқ чангта беланганди. Ҳасан бориб онасини қучоқладида, ўрнидан турғазди. Онаси тўҳтамай йиғларди.
Отлиқлардан бири келиб, «Фоҳиша онадан мана шундай нокас бола туғилади-да» деди. «Онаси киму боласи ким бўларди. Фоҳишанинг кетидан тушган бола, фоҳиша бўладида. Мустафо, эй Мустафо, отасининг қотили билан бундай апоқ-чапоқ бўлган боладан нима яхшилик чиқадики, биз тинмай бу итнинг кетига тушамиз?»
Отини ҳамчилаб, уларнинг устидан ўтиб кетди. Ҳасан билан онаси отнинг туёқлари остида қолдилар. Ҳасан ўқдай ўрнидан туриб, ҳалиги одамнинг кетидан аямай сўкинди. Отлиқ отини ҳамчилаб, узоқлашиб кетди.
Амакиси Ҳасаннинг ёнига келиб, уни кўтарди-да, отига мингаштирди.
«Қани сен жаҳаннамга бўлса ҳам кет, фоҳиша», — деди. «Агар қайтиб борсанг, қўлимни қонга булғалашга мажбур қилган бўласан».
Отини қамчилади. Бошқа отлиқлар ҳам унинг кетидан кетишди. Отлар қишлоқ томон учиб борарди, гўё. Ҳасан ҳовлида эгардан сакраркан, ғазабидан қутуриб кетганди. Эгардан тушар-тушмас, йўлга — онаси томонга отилди. Дарров орқасидан қувиб, тутиб келдилар.
Ҳасан уларнинг қўлларидан чиқиб қочар, йўлга тушар, улар яна тутиб келардилар. Ҳасаннинг юз-қўллари қонаб кетган, янги кийимлари парча-парча бўлганди. Уни кап-катта одамлар тутиб турсаларда, у тинмай типирчиларди.
Бувиси буйруқ берди.
«Қўл-оёғини боғланглар, бу итнинг». Сўнгра дарров сўзидан қайтиб: «Йўқ йўқ, бундай қилманглар, озор берманглар набирамга», — дея унинг ёнига келди. «Тур болам, тур қора кўзим, арслоним, жуда чарчадинг, турақол. Эҳ болам, эҳ менинг паҳлавоним, оналик қурсин. Онани яратмасин экан. Сенинг онанг менинг ўғлимни ўлдирди. Ўзинг ўйлаб кўр, сен бир онадан, устига-устак отангнинг қотили бўлмиш онангдан воз кечолмаяпсан, ахир мен қандай қилиб тоғдек бақувват ўғлимнинг қонидан воз кечайин, айтгин менга Ҳасаним. Ўғлимнинг ўчини олмасдан бу дунёдан кўз юмсам, шу қора тупроққа кирар бўлсам, мени ер қабул қилармиди?! Мен нима қилайин, болам, паҳлавонимнинг ўғли, оналик қурсин, оналик... Менинг тоғдек паҳлавоним қора ерда чириётган бир вақтда, душманим кўз ўнгимда солланиб, турланиб, тусланиб юрибди. Ҳасаним, арслоним, болам. Энди эса душманим кетаётганда, юрагимнинг бир парчаси, ўғлимнинг дунёдаги ёлғиз ёдгори ҳам у билан, ўғлимнинг қотили билан бирга кетса, мен ўлмайин кимлар ўлсин, Ҳасаним. Майли, қўйиб юборинг, қўйиб юборинглар Ҳасанни, қаерга хоҳласа ўша ерга кетсин».
Ҳасан ҳанузгача одамлар қўлида типирчилар, ушлаб турган қўлларини, қаерлари дуч келса ўша ерларини тишлар эди. Одамларнинг қўлларини қонатиб юборганди.
Мустафо секингина ёнларига борди: «Қўйиб юборинг, Ҳасанимни. Қўйиб юборинглар паҳлавон ўғлимни. Онасини ташлаб кетгиси йўқ, майли онасидан воз кечмасин. Унинг хотири мен учун отасининг хотиридир. Бундан сўнгра онасининг ўрни ҳам кўнглимизнинг, уйимизнинг тўридадир. Қани оғайнилар, Ҳасанни ёнингизга олингда — гарчи у шуни истар экан—Эсмани топиб, уйга олиб келинглар. Бундан сўнгра унга ҳеч қандай гап гапирилмайди, бундан сўнгра унинг жойи бошимиз устида бўлади. Қандай қилайликки, онаси бизнинг акамизни ўлдиртирган бўлса, аслида унинг отасини ўлдиртирган-ку. Жиянимиз отасининг мақсадини кўзламаган, унинг қонини ерда қолдирган ўғил бўлса, биз нима қилайлик. Кўрамиз, отасининг қони ерда қолиб, қандай гўрида тинч ётар экан. Бизга нима, қора ерда суяклари чирсиллаб чириётган, гўрида ҳам ҳаловат топмаган, қиёматгача йиғлаб, мозори қуримайдиган, Оллоҳнинг, Пайғамбарнинг ҳузурига борганда уларнинг юзларига қаролмайдиган бизнинг акамиз бўлса, унинг отаси-ку, ахир. Қони ерда булғаланганлигини у билмайди дейсизми?»
Ҳасанни қўйиб юборишди. Улардан озод бўлиши биланоқ бироз тинчланди ва ҳеч нарса бўлмагандай маъюс тортиб, чарчаганича даҳлизнинг ўртасида туриб қолди. Одамлар кир дастрўмоллари билан қонларини артишарди. Ҳасаннинг юзи қонарди. У паришонхотир эди. Худди амакисининг гапларини бутун вужуди билан тинглаётгандай унга қотиб қараб турар, лекин ҳаёли бошқа ерда эди. Онасини чопиб орқага қайтиб келаётгани, йўлда йиқила-йиқила юраётгани, туш каби кўз ўнгидан ўтарди.
«Қони ерда қолган отанинг қиёматгача гўрида йиғлаб ётишини, қиёматгача қонини ерда қолдирганга баддуолар бўлишини билмайдими у?! Қони ерда қолган ота қабрида тинч ётолмаслигини, қиёматгача тинч ухлолмаслигини у билмайди дейсизми?!».
Жим бўлди. Юзини чидаб бўлмас бир ғам-ғусса қоплаб олгандай эди. Ажинлари чуқурлашиб, кўпайиб кўринди. Тинмай қўлларини бир-бирига уриб, ўз жойида айлана бошлади. Кўзлари ҳам катталашиб кетди.
Яна нималарнидир гапирмоқчи бўлар, тўҳтар, Ҳасанга қарар, сўнг бўйнини эгганича гапиришдан воз кечиб, йўлида давом этарди.
«У билмайдими?», — деб бақирди. «Билмасми у, билмайдими у?»
Яна жим бўлиб қолди. Тез-тез юрар, қўлларини мушт қилиб, телбаларча айланар, тинчланар, сўнг Ҳасанга қарарди. Бир букчаяр, бир тик турар—мисоли очилиб-ёпилаётгандай. Катта-катта қадам ташлаб онасининг ёнига келди, юзига қараб, башараси ачинишдан янада баттарроқ бужмайиб кетди.
«Бу, бу онадир. Ўликнинг суяклари гўрида қалт-қалт титраса, ҳаловати бўлмаса, бу она ўлмасдан кимлар ўлсин».
Онадир, дейиши билан овози титраб, бўғилиб чиқар ва йиғламсираб, қичқираётгандай гапирар эди.
Овози йўғон, қатъиятли бўлиши билан бир қаторда, дарддан эзилган, чарчаган, чорасиз бўлиб эшитиларди.
«У қони ерда қолган инсон гўрида тинч ётмаслигини, балки руҳи қабрдан чиқиб сарсон-саргардон кезиб юришини билмайдими? Ўчи олинмаганидан бери ҳар туни, ҳар кечаси акамни оқ кафанга ўралиб, ҳовли кезиб юрганини кўраман. Кўргандиму, ҳеч кимга айтмагандим. Бир куни кечаси ўрнимдан турсам, тоғу тошлар инграяпти, ташқарига чиқиб қарасам, уларнинг эшиклари олдида бир оқ кафан турибди. Ингроқ овоз шу кафандан келаётган экан. Секингина ёнига бордим, яқинлашиб қарасам, у менинг юзлари сўлиган, оқариб кетган акам экан. Ака, акажоним, дедим. Ҳалил акам ҳеч нарса демасдан, сузилиб мозор тарафга кетди. Акс-садо орасидан: «Ўғлим Ҳасанга айт, менинг қонимни ерда қолдирмасин, қонимни, онаси бўлса ҳам у хотиннинг бўйнида қодирмасин», — деган гапларини эшитдим. Ернинг очилиб, Халилнинг мозорга кирганини ва мозор ёпилиши билан акс-садонинг ҳам тўҳтаганини эшитдим».
У Ҳасаннинг ёнига келди. Ҳасан унинг нафас олишини ҳам эшитиб турарди.
«Нега айтдим-а бу гапларни болага, туф-э. Энди нима деган одам бўлдим? Ўзимни тутолмай, отасининг руҳи сарсон-саргардон бўлиб юрганига, хуни олинмагунча шундай бўлишини келиб-келиб болага айтаманми-а, туф-э! Бўладиган ишми бу. Муштумдай бола отасининг хунини ола билармиди? Зотан, отасининг қотили онаси бўлса, қўлидан нима иш келарди бу бола бечоранинг туф, туф-э менга...»
Остона томонга юрди. Остонага етиб келгач, яна орқасига қайтди.
Сиз Ҳасан билан бирга боринг-да, уни отта миндиринг ва биргалиқда онасини олиб келинглар. Модомики, у жиянимизнинг онаси экан, яёв юрмасин, бечора. Укамизнинг қотили бўлса ҳам, жиянимизнинг, жасур Ҳасанимизнинг...»
Гапини тугатар-тугатмас, чиқиб кетди. Эри чиқиши билан, Мустафонинг хотини Дона келиб, Ҳасанни ёнига олди:
«Вой болам, вой»,—деди. «Вой Ҳасаним, етимчагинам, нима бўлди сенга, қон ичида қолибсан-ку. Тўҳта, аввал юзингни ювайин, сўнг онангнинг олдига борасан...»
Ташқарига олиб чиқиб, юзини яхшилаб ювиб қўйди ва қон тўҳтатиш учун дори суртди.
Одамлар отланиб эшиқда кутиб туришарди. Улардан бири Ҳасанни узун қўллари билан кўтариб, эгарнинг орқа қисмига ўтқазди ва биргаликда йўлга тушдилар.
Эсмани кун ботаётганда топдилар. У бўз тупроқли бир ерга ўтирганича, мукка тушиб қолганди. Кўришлари билан ёнига бордилар. Эсма шундай ҳолатда эдики, ҳатто уларнинг келганини ҳам сезмади. Ҳасан дарров отдан сакраб тушиб, унинг ёнига келди.
«Мен келдим, она, юринг кетамиз», — деди. Сўнгра секингина эгилиб, қулоғига: «Отамнинг руҳи кезиб юрганмиш. Амаким кўрибди, бутун қишлоқ кўрибди. Кўрмаган одам қолмабди. Оқ кафанга ўраниб, мозоридан чиқиб, ҳар ерда инграб юрганмиш», — деди.
Эсма унинг эшитилар-эшитилмас, пашшанинг визиллашга ўҳшаш овозидан ҳеч нарса тушунмаган, балки овозини ҳам эшитмагандир. Ёки Ҳасанга шундай туюлгандир.
Ҳасаннинг юрагига ваҳима тушди. Бу руҳ онасини ўлдириш учун юрганмикан? У баттарроқ қўрқиб, онасига ёпишди:
«Қани туринг, уйимизга кетамиз. Нима қиламиз энди, ҳар тун уйимизга келаётганмиш. Келгани рост. Бир куни кечаси мен ҳам унинг инграганини эшитдим. Дадам анчагача инграб турди, туринг кетамиз».
Онасини қўлидан ушлаб турғазди. Отлиқлар эса нарироқда бу она-болага қараб туришарди.
Эсма боши эгилганича отлиқлар томонга зўрға бир-икки одим ташлади. Отлиқларнинг бири отдан тушиб, Эсмани отига миндирди. Ҳасанни ҳам эгарнинг орқа қисмига ўтқазди. Улар йўлга тушдилар.
Уйга келганларида бутун қишлоқ уйларининг олдида тўпланиб турарди. Ҳеч ким чурқ этмас эди. Эсмани кўришлари билан ҳаммалари увиллаб юборишди.
Оломондан бир қария чиқиб:
«Эсма, Эсма», — дея бақирди. «Уйинг куйгур Эсма. Ҳалил рухга айланиб кезиб юрибди. Қишлоқда уни кўрмаган одам қолмади. У қони учун қон талаб қиляпти. Беринглар Ҳалилнинг қонини. Беринглар қонини, Ҳалилнинг қони учун қон таслим қилмас экансан, руҳи келиб, ўғлингни олиб кетади. Ха, ҳа олиб кетади».
Эсма оломонни ёриб, қеч қаёққа қарамай ичкарига кирди.
Қишлоқ яна бир қанча вақт жимиб қолди. Қишлоқ Ҳасанни ҳам, Эсма ва рухни ҳам унутиб юборганди. Бу тинч, турғун, ҳамма ўз ишига машғул бўлган вақт қанчагача давом этди, ҳеч ким билмайди. Бу тинчликнинг, хатти-ҳаракатларнинг, гап-сўзларнинг бирданига тўҳтаб қолиши ва бу қадар узоқ давом этиши Эсмани қўрқитар ва у бу қўрқувини ўғлига ҳам айтарди.
Ҳамма нарсанинг бирданига тўҳтаб қолиши хайрли ишнинг аломати эмас эди. Эсма сергак турарди. Ўғлидан хавотирда эди. Бу жимжитлик ўғлига бир нарса қилиб қўйиши мумкин эди. Юраги безовта эди.
Бир куни эрталаб Эсманинг қўрққанича бўлди.
Карим ўртага тушиб гапирарди:
«Кўрдим», - дерди у узун бўйнини чўзиб. «Кеча кечқурун қояликлардан тушаётганимда Ҳалилни кўрдим. Аликесикнинг бошида бошимни бир кўтарсам, не кўрайки, оқ кафанли, озиб-тўзиб кетган, қоронғуда кўзлари ёниб турган бир киши йўлимни тўсди. Устимга эгилиб, узоқдан менга қараб турарди. Бўйи нақ теракдай чўзилиб кетган. Тўҳта, эй Карим, деди менга. Мени танидингми, Карим? Овозини таниб, танидим, дедим, сен Чўлак ўғли Халилсан, шундай эмасми? Ҳа менман, деди. Менман, мен, арвоҳга айланиб кезиб юрибман. Ўша иймонсиз, Оллоҳсиз онам, бетарбия, аҳлоқсиз укаларим, устига-устак бўйи етган ўғлим ва қотилим бўлмиш хотиним туфайли арвоҳга айланиб юрибман. Онам йўқ менинг Карим, бориб айт унга. Укаларим ҳам йўқ, уларга ҳам бориб айтгин. Ўғлим Ҳасан улғайиб қолибди, кошки катта бўлмасайди, мен у туфайли мозоримда тинч ётолмай арвоҳга айланиб юрганимдан, дўзах моликпарининг қўлида доғланаётганимдан кўра, у улғаймаса ҳам майли эди. Сўнгра Халил йиғлай бошлади. Ҳолимни сўрама, Карим ҳозир сен мени минорадек узун, оқ кафанга бурканган ҳолатда кўраяпсан. Дўзах моликлари мени ҳар куни ҳар хил қиёфага, ҳар хил шаклга солиб қўйишяпти. Бир қарасанг итга айланиб, шу тоғларда эрталабгача ҳуриб чиқаман, ўлаксаларнинг гўштини ейман. Бир қарасам мени бургутга айлантириб қўядилар, бориб уйимнинг эшигига қўнаман-да, бадбахт ўғлимни кўраман. Устига-устак у милтиқдан отишни ўрганиб олибди. Қушларни, бургутларни, қуёнлар ва тулкиларни отаяпти. У оғзи бўлса хам тили йўқ ҳайвонларни ўлдиргандан кўра анавини отсин, отсин-да, отасини арвоҳликдан— илонликдан, чаёнликдан, мушук бўлишдан қутқарсин. Мушук бўлсам-ку яхши-я... Бир мартасида мени мушукка айлантириб қўйишди. Мушук нима иш қилса мен ҳам шуни қилиб, тўғри уйимга кетдим... Хотиним бор-ку, ўша менинг кўзларимга тикилиб-тикилиб турдида, бу мушук Халилга ўҳшар экан, деб бир тепди. Яна бошимга калтак билан урди. Ҳалигача бошимни кўтаролмай юрибман. Агар қочиб кетмасам мени ўлдириб қўярди. У қотилимнинг қўлидан қочиб қутилдим. Онам, укаларим, ўғлим ҳам одам эмас эканлар. Карим сенга айтаман, хотинимга бориб айт, мени қутқарсин, ҳеч ким уни ўлдиролмайди. На онам, на укаларим, на қариндош-уруғим, на дўстларим, ҳеч ким уни ўлдиролмайди. Гарчи шундай экан, у ўзини ўзи ўлдирсин. Ўзини ўлдирсин-да, мени арвоҳликдан қутқарсин. Қўрқоқ, бир пулга қиммат ўғилни ўша туғиб берган. Ўғлим одам бўлмайди, бир пулга арзимайди. Шунинг учун ҳамма айб хотинимда, энди эса ўғлини ҳам, мени ҳам бу обрўсизликдан қутқарсин. У ўзини ўзи ўлдирмас экан, мен қиёматгача арвоҳ бўлиб кезиб юраман. Менинг хунимнй олмай, арвоҳ қилиб қўйган ўғлим эса, юзи шувут бўлиб, одамлар орасига киролмайди. Ўзиг ни ўлдириб, ўғлини обрўсизлиқдан қутқарсин. Эсмага айтгин, менинг аҳволим ёмон... Онамга, ўғлимга, қишлоғимга айтгин-ки, дўзах моликларининг дастидан дод деяпман, улар мени бир куни чувалчанг, бир куни илон, яна бошқа бир куни қурбақа, шиллиққурт тусига киргизиб қўйишяпти. Бу дўзах моликларига ёлвориб, мени қўйиб юборинглар, десам устимдан кулиб, яна ҳам биз сенга раҳм қиляпмиз, оға. Биз сени юз мингта кичик-кичик шилиққуртчаларга айлантириб, бутун дунёга тарқатиб юборамиз. Қиёмат куни бошқа дўзах моликлари ҳам сени инсон ҳолига қайтаролмайдилар. Оллоҳнинг ҳузурига юз мингтага бўлинган шиллиқ қўрт кўринишида борасан, нариги дунёда ҳам арвоҳ бўлиб умр кечирасан. Инсоннинг хуни олинмаса, жуда қийин экан. Эҳ Карим, Оллоҳ бу нарсани ҳеч кимнинг бошига солмасин экан. Менинг қўл-оёғим беҳоллашиб, қўрқувдан титраб турганимда Ҳалилнинг арвоҳи кўздан ғойиб бўлибди. Яна бир қарасам, Ҳалил мушукка айланиб, оёғимга суркаляпти, сўнгра мушук бойқушга айланиб, бир қояга қўнди-да, сайрай бошлади. Сўнгра бойқуш чинқироқ илонга айланиб, қаршимда туриб олди. Рўпарамда турган илонни кўришим билан ўзимни Аликесик тепалигидан йўлга отдим. Мана оёқларим шилиниб, қонаб ётибди. Уйга келиб, табибнинг олдига бордим. У яраларимни боғлаб шундай деди: «Карим, укам, Ҳалил сенга ишониб, сенинг йўлингда учрабди. Ўзини сенга омонат қилиб тошпирибди: Бу нарса бўйнингда қарз бўлиб қолмасин. Бориб онасини, хотинини, ўғлини, укаларини, ҳамқишлоқларини топиб, Ҳалилнинг аянчли аҳволини гапириб бер. Бечора Ҳалил, қиёматгача бу дунёда шиллиққурт бўлиб юрмасин. Агар бу масъулиятли гапни айтмасанг, бўйнингда қолиб кетса, сен ҳам барака топмайсан...»
Бутун қишлоқнинг оғзида шу гап. Бу гапга ишонмаганлар ҳам бор эди. Ҳалилнинг шиллиққуртлигига, бойқуш ёки қумри қушлигига, оқ кафанга бурканиб қишлоқ тепасидан учишига ишонмай, масхара қилувчилар ҳам топиларди. Лекин, аксинча, чин юрагидан ишониб, Ҳалилни қутқариш учун бўлмағур ишларга қўл урганлар ҳам йўқ эмасди.
Охирида ҳамма нарса Ҳасанга келиб тақаларди. Ҳалилнинг шиллиққуртлиги, чувалчанг ва бойқушлиги, гўрида қизиган темирлар билан доғланаётгани, ҳамма-ҳаммаси Ҳасанга келиб тегарди. Ёнига келган ҳар бир одам отасининг бу аҳволини унга айтишни ўзининг вазифаси деб биларди. Эмишки, Ҳасан жуда ёмон иш қилган, онаси туфайли отасини газандалар қиёфасига тушириб қўйган, қонидан пайдо бўлган отасини қиёматгача шилиққурт тусида юришига ўз қўли билан маҳкум қилган эди.
Каримга келсак, у Эсманинг ёнига келиб-кетиб турди. Тўҳтамай, балки минг карра, Ҳалилнинг ҳолатини гапириб берди. Ҳалилнинг Эсмадан хоҳлаётган, кутаётган ишини ҳар сафар ачиниб, йиғламсираб гапирарди. Эсма жим турар, жавоб бермас эди.
Энг сўнггида Карим ғазаб билан гапира кетди: «Ўзинг биласан, Эсма. Шу вақтгача сени кўзим қиймай, айтмасдан келдим».
Арвоҳ менга ё қоним, ё ўғлим, ё хунимни олсинлар, ёки мен Эсманинг ўғлини олишга мажбурман, деди. Бундан сўнгра ҳам хоҳла ўзингни ўлдир, хоҳла ўлдирма...»
Эсма тошдек қотиб қолди. Бу гапга ҳам жавоб қайтармади.
Бундан сўнгра Карим бутун кучини Ҳасанга ташлаб, унинг кетига тушди. Ҳасанни тутиб, бафуржа гапиролмас, арвоҳнинг омонатини унга етказолмаётганди. Гоҳ Анаварза қояликларида, гоҳ Жайҳон ирмоғининг бўйларида, далада, йўлда, чўлда бўлса ҳам Карим доим унинг кетида эди. Ҳасан ҳам уни кўриши билан ернинг тагига кириб кетгандай кўздан ғойиб бўларди. Карим эса: «Бу болани жин чалган. Бир гап бор бу болада, ойлар давомида уни ҳеч қўлга туширолмаяпман», — дерди. Кечалари, эрталаблари уйда, ётоқда бўлса ҳам уни таъқиб этар, Ҳасан ҳам йўлини топиб Каримнинг қўлидан қочиб қутиларди. Тутиб олса, нималар гапиришини сўзма-сўз биларди.
Ахийри Карим Ҳасанни Анаварзанинг кун ботар тарафидаги Саврун сувида чўмилаётганида, яланғоч ҳолатда тутиб олди. Ҳасан бу сафар қоча олмади. Ёнма-ён ўтирдилар. Карим яна Аликесик тепалигида кўрганларини, отаси нималар деганини бирма-бир гапира кетди. «Мен арвоҳнинг олдидаги бурчимни бажардим», — деди сўнгида. «Мана сен, мана арвоҳ, мана онанг. Энди хоҳлаганингни қилавер», — деди.
Сўзини тугатиши билан рўпарадаги чақиртошлар устида бир калтакесакни кўрди. Ҳаяжонланиб: «Қара, қара, мана, қара, шу калтакесак тусига кириб олган сенинг отанг бўлади. Қара, кўзларига қарагин, Ҳалилнинг қора кўзларига қанчалик ўҳшайди, шу калтакесакнинг кўзлари қоп-қора, бошини дуо қилаётгандай кўтариб туширяпти. Мен сенга нималарни гапираётганимни эшитиш учун келган. Қара, қарагин...»
Ҳасан кулиб юборай деди. Карим буни кўриб ғазабдан тутоқиб кетди. Ўрнидан туриб, арвоҳларни, ёшу қарини, ҳамма-ҳаммани сўка кетди.
Ҳасаннинг устидан гаплар ёмғирдай ёға бошлади. Қишлоқдаги ҳамма — ёшу қари, катта-кичик, барчаси Ҳасанни кўриб қолса, “улуғ” бурчини бажарарди. Ҳасанга отасидан, онасидан, арвоҳлардан албатта гапирарди...
Ҳасан ортиқ уйқуда юргандай ҳис қиларди ўзини. Ҳеч кимдан қоча олмас, ўзини йўқотиб қўйган эди. Аралаш-қуралаш гаплар ичида ўзини билмай сандироқлаб юрарди.

* * *
 
Дурсун бобо юз ёшларда эди. У юролмасди ҳам. Қошлари кўзларини устига тушган, бўйни бурушиб кетганди. Бурушиқ бўйнида доим буғдой доналари, сомоннинг парчалари бўларди. Қошларини икки қўли билан кўтариб очар ва кўк кўзлари билан узоқ-узоқларга термуларди. Ҳасанни балки танимасди ҳам. Ҳеч гаплашмаган эдилар. Ҳасан унинг ёнидан ҳаёл суриб ўтаётганда: «Тўҳта Ҳасан, тўҳта», — деди нозик, ингроқ овоз билан. «Тўҳта Ҳасан, бироз тўҳтагин. Дурсун бобонг сенга бир-икки калима сўз айтмоқчи...»
Таёғини оёғи билан қисиб, Ҳасанни ўз ёнига тортиб ўтқазди. Юзига эгилиб қаради. Термулиб туриб, ҳайронлик, боладай соддалик билан: «Сен улғайиб, кап-катга йигит бўлибсан Ҳасан! Эҳ, бу қишлоқдагилар сени алдашяпти. Сенинг онанг жуда гўзал аёл, болам. Мен шу ёшга кириб инсон зотида бундай гўзалликни кўрмаганман. Агар инсон бу қадар гўзал, малак юзли, малак феълли бўлса, одамлар унга бахиллик қиладилар. Афсуски, онангни ўлдирадилар, Ҳасан. Қанийди ёш бўлсам, қанийди, қўлим-оёғим яраса, нима иш қилардим, биласанми Ҳасан?»
Қошларини кўтарди, кучи етмай, қўллари билан кўтарди бу сафар. Кўм-кўк, беғубор, тиниқ, кўзлари билан узоқ термулди Ҳасанга. Сўнгра қошларини тушириб, бошини эгганича ўй сурди. Яна қошларини ушлаб кўтарди-да, кўзларини Ҳасанга қадади, кейин қошларини қўйиб юборди ва бошини эгиб олди. Сўнгра бирдан бошини кўтариб, қўлини чўзиб, елкасидан тутди: «Онангни ўлдирма», — деди. «Менинг гапимга киргин, ҳўпми? Онангни ўлдирма, Ҳасан. Онанг каби дунё гўзали ўлдирилмаслиги керак. Онанг эмас, етти ёт бегона бўлса ҳам, бундай гўзални ўлдиришга одамнинг кўзи қиймайди. Онанг кабиларни Оллоҳ минг йилда бир яратади. Улар Оллоҳнинг ер юзидаги севиклиларидир, арвоҳ юрган отангга, кал Каримнинг гапларига қулоқ тутма, ўлдирма онангни. Онангга ҳам айт, бу телба қишлоқ гапига кириб ўзини-ўзи ўлдирмасин, Ҳасаним. Онанг Оллоҳнинг севган бандасидир. Оллоҳнинг севган бандасини ўлдирсангиз, Оллоҳ бошингиздан тош ёғдириб, шундай хасталикларга дучор қиладики, ҳаммангиз кирилиб кетасиз!»
У кулимсираб, қўллари билан қошларини кўтариб, Ҳасанга каради. Тишсиз оғзи, боладай соддалиги, юмшоқлиги билан тинмай кулимсирар эди.
«Ҳозир ёш бўлиб қолсам, нима қилардим, биласанми Ҳасан?»
Ҳасан жавоб бермади.
Ҳасан жавоб бермагунча у қайта-қайта сўрайверди. Охири, Ҳасан ҳам кулимсираб: «Ҳа, нима қилардингиз, Дурсун амаки?» «Сен ҳам гапирар экансан-а, Ҳасан», — деб ҳайронлик билан севинди, чақалоқникидек тишсиз оғзини очиб кулди. «Ҳа гапираман, одамини топсам», — деди Ҳасан. «Нима қилардим биласанми? Уйингизга бориб, тўшамчи тўшардимда, ерга ўтириб олардим. Агар қувиб юборишса, ҳизматкор бўлиб қолардим уйингизда. Яна ҳайдамоқчи бўлишса, касал бўлиб ётиб олардим. Нима қилсам ҳам уйингизда қолишнинг бир йўлини қилардим. Ва эрталабдан кечгача онангни тамоша килиб ўтирардим. Эсмани тамоша қилиб тўғри жаннатга кетардим Ҳасан. Онангни чин юракдан, гўзаллигини тўйиб-тўйиб тамоша килган одам жаҳаннамга тушмайди. Сидқидилдан онангга қараган одам бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жаннатда бўлади. Оллоҳ ҳам онангга тўйиб-тўйиб қараётгандир балки. Шунинг учун онангни ўлдирган одамнинг косаси оқармайди. Энди эса Ҳасаним, мени кўтар-да, уйингга олиб бор. Мана шундай ярим кўз билан, яримта жон билан бўлса ҳам, бутун кучимни кўзимга тўплаб унга бир қарайин, чин кўнгилдан қараган одам тўғри жаннатга киради, қани энди уйингта олиб бор мени».
Сўнгра жим бўлиб қолди. Ҳасаннинг кўзларига қадаб турган кўзларини аста туширди. Ҳасан ҳурсанд бўлиб:
«Қани кетдик бизнинг уйга Дурсун амаки. Онам сизга яхши бир каҳва тайёрлаб берадилар, агар хоҳласангиз овқат ҳам пишириб берадилар».
«Қани кетдик», — дея оёқларини ерга босиб ўрнидан турмоқчи бўлди, яна бир кучанди-да, туролмади. Сўнгра Ҳасан бориб унинг қўлларидан ушлаб турғазди.
Йўлга тушиб, уйга етиб келдилар. Ҳасан билан Дурсун амакини бирга кўрган одамлар тушунмай қолдилар. Ичларига қурт кирган одамдай чидолмасдан уларга эшиттириб баддуолар айта бошладилар.
Эсма Дурсун амакини қувониб кутиб олди. Пешин маҳали эди. Эсма унинг овқат еган-емаганини сўради ва «емадим» деган жавобни олгач, дарров дастурхон тузаб юборди. Ўтирган ерларига соя тушганидан ҳаво салқин эди.
Дурсун амаки қўли билан қошларини кўтариб, Эсмага қарарди: «Оллоҳга шукр, беадад шукр, шу кунимга, шу ҳолимга шукр», дея дуолар ўқир, «субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ», дея мафтун бўлиб қолганнни яширолмасди.
Улар узоқ овқатланиб ўтирдилар. Чунки Дурсун амаки ҳам тишсиз оғзи билан чайнашга қийналарди, ҳам Эсмага қарайвериб оғзига овқат солишга улгуролмасди.
Ўша кун Дурсун амаки кун ботгунигача Эсмаларнинг уйида ўтирди. Кун ботгандан сўнг «Ҳасан, энди мени уйимга олиб бор»,—деди.
Ҳасан унинг қўлтиғига кирди ва улар йўлга тушдилар. Йўлда ҳеч гаплашмадилар.
Кечқурун Ҳасан алоқ-жалоқ тушлар кўрди. Тушига отаси кирибди. Қамишзордан ботқоқликка тушиб чўкиб бораётганмиш, ўзини ҳеч кўтаролмаётганмиш. Бирдан отаси кўз ўнгида илонга айланибди, илон ҳам ботқоқликка ботиб кетаётганмиш. Ботқоқликнинг балчиғида типирчилармиш-у лойга баттарроқ ботиб, бўйнигача кириб кетаётганмиш. Бир калтакесак, қурбақа, бир катта кўзли бойқушга айланармиш. Калтакесак, қурбақа ботқоқликда бойқушга айланиб, маймунжон дарахтининг ичидан чиқиб келармиш. Қанотлари лойга беланган, юлинган, ивиб кетган эди. Сўнгра оқ кафанли, кафани лойга булғаланган, кўзлари катталашиб, ирғиб чиққан отасига айланарди. Ҳамма ери ҳўл, шалаббо эди. Сўнгра ҳамма нарса бойқушнинг катта-катта кўзларига айланди. Бойқуш ҳам шалаббо бўлиб ивиган, патлари юлиниб кетган, кўзлари портлагудек бўлиб борган сари катталашиб борарди...

* * *

Ҳасан кун чиқмасданоқ уйғонди. Қўлига милтиғини олди. Онаси эса ёстиғининг устига сочларини ёйганча ухлар эди. Сочлари узун, қирқ кокил эди. Ўралган сочларига кумушдан, олтиндан ишланган маржонлар тақилган эди. Онаси Дурсун амакининг айтганидан ҳам гўзалроқ эди. Бир оз вақт онасининг чиройига тўймай қараб турди.
Оқшомдан буён, балки бир неча кундан буён онасига билдирмасдан бир ҳуржун тайёрлади. Ичини озиқ-овқат билан тўлдирди. Пул хам топган эди. Тўғрироғи, ўзининг бир ҳовуч пули бор эди. Пулларини қўйнига, қўлтиғининг тагига солиб қўйди. Чиройли кийимларини кийиб, қўлига милтиғини олганича пастга тушди.
Оғилхона хали хам қоронғу эди. Қўли билан пайпаслаб, тойини топди. Тойига миниб ҳовлига чиқди. Онаси уҳлаётган хонанинг деразасига термулганича эшик олдида бироз туриб қолди, сўнгра секингина от суриб, йўлга тушди. Шарқ томонга— Қозонга қараб аста-секин от суриб кетди-да, бирданига тезликни оширди. Қозонгача отини тўҳтатмай чоптирди. Пешин маҳали бўлди. Отини бир дарахтга боғлаб, ошхонага кирди. Ичи нон ва озиқ-овқатга тўлган гиламдан тўқилган хуржунини елкасига осиб олганди. Столга ўтириб, хуржунидан бир юпқа чиқарди. Бу орада ошхона хизматчиси келиб:
«Хуш келибсиз, оға, нима буюрасиз?» — деди. Ҳасан авваллари ҳам ошхоналарга келиб турарди. «Бир товоқ келтиринг», —дея буюрди. Ошхона хизматчиси: «Бош устига оға».Ошхона хизматчиси узун, қирра соқолли Курт эди. Ҳасан уни таниди. Курт: «Оға, жуда яхши ширинлигимиз бор... Хоҳласангиз олиб келаман», — деди.Ҳасан кулиб:«Олиб келинг, деди. Мен сизни танийман, оға» деб қўшиб ҳам қўйди. Курт ширинликни олиб келиб: «Сиз мени қаердан танийсиз?» — деб сўради. Ҳасан: «Сиз ошхона хизматчиси Курт Сулосиз, шундай эмасми?», —деди. «Шундай дейлик, ўзинг кимсан», — деб сўради Суло. Ҳасан: «Мен Ҳалилнинг ўғлиман, ҳалиги Аббос бор-ку, ўша ўлдирган...» Суло: «Танидим», деди. «Танидим сени. Сен Ҳасансан, тўғрими? Онанг қандай, яхшими? Эшитишимча, онангни амакиларинг ўлдирмоқчи бўлишибди, лекин сен йўл қўймабсан. Отанг хақиқий эркак эди. Мен сени кап-катта йигит бўлиб қолганингни билмагандим. Отангни онанг ўлдирган дейишади, аммо сен ишонма, чиройли аёлларнинг орқасидан ҳар хил гап-сўзлар юради. Онанг аслзодалардан. Онанг каби аслзода хонимлар эрларини Аббосдай бир одамга ўлдиртирмайди. Онангни ўлдирмагин, хўпми? Онасини ўлдирганлар бу дунёда ҳеч рўшнолик кўрмайдилар, нариги дунёда хам дўзах моликлари холи жонига қўймайди. Менга қулоқ сол, мен отангни жонимдан ортиқ кўрардим. Отанг менинг яқин дўстим, қимор ўйнайдиган ўртоғим эди. Отанг билан иккаламиз ёлғиз бошимизга қарамай, Аданага бориб, неча бор бар очганмиз. Отанг мисоли бир бургут эди. Аббосдай кўзи қонга тўлган одам бўлмайди. Бу Чукурова ўлкасида отангга бас келадиган, уни ўлдирадиган одам топилмас эди. Менинг гапларимни яхшилаб эшит, дўстимнинг ўғли, онангни ўлдирма. Мен биламан, амакиларинг онангни сенга ўлдиртирадилар. Чунки ўзлари тоғаларингдан қўрқишади. Тоғаларингдан қўрқмасайди, аллақачон онангни ўлдирган бўлардилар. Улар учун бир одамни, унинг устига бир хотинни ўлдириш иш эмас, фақат тоғаларингдан қўрқадилар. Тоғаларинг жуда бой, ҳақиқий эркак ҳамда қонхўр одамлар. Сизникилар шунинг учун улардан қўрқадилар. Биладиларки, агар уларнинг сингилларини ўлдирсалар, тоғаларинг келиб буларнинг бутун уруғ-аймоғини қириб ташлайдилар. Ҳолбуки онангни сен ўлдирсанг, тоғаларинг сени ўлдирмайдилар-да...»
Курт гапиргунгача, Ҳасан овқатини тез-тез еб тугатди. Биринчи маротаба ҳайронлик билан сўради: «Тоғаларим мени ўлдирмайдиларми?»
«Ўлдиришмайди » — деди Супо. «Лекин сен барибир онангни ўлдирма. Онасининг қотили бўлмоқ — ўлгунча оловли кўйлак кийиб юрмоқдир. Темир тиканли кўйлак... Ўлгунингча ҳар куни баданингга қизиган темир босиб, доғлаб турадилар. Сен ўзинглигингча қол, нима қилсалар қилсинлар, нима десалар десинлар, онангни ўлдирма, хўпми?» Ҳасанга жон кириб:
«Тоғаларим қаерда яшайдилар, уйлари қаерда, уларни қидириб борсам топа оламанми?», — деди. «Билмайман», — деди Курт. «Билмайман. Отанг айтган эди, лекин ҳозир эсимда йўқ. Отанг онангга ошиқ бўлиб, уни олиб қочгандан сўнг, тоғаларинг унинг кетига тушган эдилар. Лекин Чукурованинг катта беклари ўртага тушганларидан сўнг улар дадангни ўлдиришмади. Йўқса... Нима бўлганда ҳам онангни ўлдирма, хўпми... Аниқ билиб бўлмайди, тоғаларинг балки сени ҳам ўлдиришлари мумкин. Ҳасан нақшли, маркалар ёпиштирилган ипак кармонидан битта элликталик чиқариб, Куртнинг ёнига қўйди. Курт пулни олиб чопиб бориб кассада майдалаб келди. Ҳасан қайтимини кармонига солди-да, ўрнидан турди.
«Хайр, яхши қолинг, Курт Суло, мен кетай энди», — деди. Курт уни эшиккача кузатиб, эшитилар-эшитилмас бир овозда ;
«Ўз билганингдан қолма. Сен ўзинг бўлиб қол. Онангни ўлдирмагин», — деди «Бундай дунё гўзалини ким ўлдирса ҳам барака топмайди», — дея қўшиб ҳам қўйди.
Ҳасан отига минди-да, бир оз вақт қаерга боришини билмай туриб қолди.
Курт уни кузатиб турарди. Ҳасаннинг юраги сиқилиб отнинг биқинига бир урди, той учгудай бўлиб, шаҳарчадан чиқиб кетди. Энди эса у шаҳарнинг чеккасида, нима қилишини билмай юрибди. Дарё бўйида отини тўҳтатди. Нима қилиш керак, қаерга бориш керак? Тоғаларининг қишлоғини, шаҳарчасини, хаттоки исмларини ҳам билмайди-ку... Балки тоғалари йўқдир, Курт уни қўрқитиш учун шундай дегандир. Агар тоғалари йўқ бўлса, онаси ҳар доим қаерга қочмоқчи бўлади. Йўқ, улар бор эди, онасининг ака-укалари, отаси, оналари, уруғ-аймоғи бор эди. Борку, лекин қаерда? Шу тоғларнинг орқасидами?
Боши айланаётгандай туюларди. Отини тоққа олиб борадиган йўлга бурди. Узангини босиб, тойни тинмай қамчилади.
Ўрмоннинг ичидаги сойликни кўриб, ўша ерга бурилди. Ям-яшил арча дарахтлари кўкка қараб бўй чўзганди. Ўрмон ҳам ям-яшил эди. Рўпарадаги ёнбағирдан буруқсиб чиқаётган тутун кўкка интилганича ҳавода муаллақ туриб, юмшоқ ҳаракатлар билан қимирлаб турарди.
От қияликдан чиқаётганида анчагина қийналди. Олдидаги тепаликни ошиб ўтгач, дарахтлар орасидан, пастдаги водий минораларининг учларини кўрди. Қалин бир тутун водийдаги уйларнинг устини пардадай ёпиб турарди. Бир ҳўрознинг қичқириғи, кучукларнинг ҳуриши эшитилди. Сўнгра қўйларнинг, эчкиларнинг, сигирларнинг кетма-кет маъраган товушлари келди. Оқшомлари қўнғироқлар ҳам оғир-оғир чалинарди. Ҳасан қишлоқдаги уйларни кўриши билан отини тўҳтатди, ичига бир қўрқув тушди. Турган жойида қотиб қодди. Отнинг устида оёғига тираниб турди-да, қишлоқни томоша қилди. Бир-икки бола йиғлар, бир қария тепаликда туриб, шеригига бақирарди.
Ҳасан отининг уловини тутганича шундай турарди. Кўз ўнгига бувиси келди. Унинг сиймоси кўз олдидан кетмай турди.
Ичини бир севги, ишонч ва қувонч туйғулари чулғаб олди. Қалбидаги бундай севинчнинг сабабини ўзи ҳам тушунмади. Ҳолбуки пастдаги бу қишлоқдан бир кишини ҳам танимас эди. Қишлоқнинг номини ҳам билмасди. Уни бу ерларга оти бошлаб келди. Водийнинг устидаги қўнғир қояликлар булутларгача юксалган, бу қояликлардаги товушлар акс-садо берарди.
Отининг бошини қўйиб, секингина узангини босди. Қалбидаги севинчини англай бошлаганди. Майли, от уни хоҳлаган эшигига олиб борсин. Оти тўҳтаган эшикда меҳмон бўлмоқчи эди. Мен Тангрининг бир мусофириман, деса нима ҳам дейишарди. Тангрининг меҳмонига ким ҳам қувонмайди, дейсиз. Балки бу қишлоқ халқи куртдир. Балки Алеви куртларидандир. Алеви куртлари мард, ҳақиқий эркак бўлишади. Балки бечора Фарсак, ёки бўлмаса, қадимги қозонлидирлар. Ким бўлсалар ҳам, бу тоғликлар меҳмонсевар бўлишади.
Оти уни тупроқ томли, нақшиндор, катга бир уйнинг икки та-бақали кенг эшиги олдига олиб борди. Эшик ёнида катта бир чинор дарахти шохларини бутун ҳовлига ёйганича, шамолда оғир-оғир тебраниб турарди.
Ўзи отнинг устида, эгар устидаги қўллари тизгинни тутганича ҳовлида туриб қолди. От пашша қўнган думини тез-тез силкитиб қўярди.
Ичкаридан қари бир одам чиқиб, кунчиқар тарафда турган отлиққа қараб юрди. Кўзини қўли билан тўсганича, ёқимли табассум билан яқинлашар эди. Отнинг ёнбошига кела туриб:
«Хуш келибсан, йўловчи, бошимиз кўкка етди, Қани пастга туш», —деди.
Огнинг тизгинини қўлига олиб, ичкарига қараб гапирди:
«Ҳей болалар, қаранг, уйга меҳмон келди».
Ичкаридан бирданига уч-тўртта киши отилиб чиқди. Келиб отнинг бошини, отлиқнинг узангисини ушлаб турдилар. Ҳасан отдан тушди.
Қария уни олдига солиб, уй томонга бошлади. Белидан чиқарган калити билан тахтали, нақшдор бир эшикни очди. Уйнинг бошдан-оёғи юмшоқ ўриндиқлар билан ўралган эди. Ерга ҳам қадимги гиламлар тўшалган, ранглари кўзни қамаштирарди. Девори тепадан пастгача нақшлар билан ўйиб ишланган ёнғоқ дарахтидан ясалган эди. Очиқ бир жойга эса Отатуркнинг рангли расми осилган эди. Расмда Отатурк ўнг оёғини олдинга чиқариб, қўлида қамчи ушлаб турарди. Орқасида эса тўриқ отининг боши кўриниб турарди. Бу расмда Отатуркнинг кўзлари кўм-кўк эди. Бироздан сўнг хонага саржа матодан шалвар кийган одамлар билан тўлиб кетди. Келганларнинг ҳар бири «Салом, хуш келибсан», — деб ҳурмат билдирганча ўтирарди.
Қаҳвалар тортилди. Илк қаҳвани унга бердилар. Ҳамма тизилиб, одоб сақлаб ўтирарди. Ҳасан ҳам ўзини шундай тутиб ўтирди. Ёнидаги одамларга ўҳшаб финжоннинг орасталик билан ушлаб қаҳвасини ҳўплаб-ҳўплаб ичарди.
Уй соҳиби Ҳасанга қараб ўзини таништирди: «Исмим Муртазо. Муртазо Демирдели. Сеники-чи?»—деди.
Ҳасан бироз қимтиниб:
«Менинг исмим Ҳасан, пастликдаги Анаварза Чўлаклариданман».
«У ерларни биламан»,—деди Муртазо оға «Ҳалилнинг ўғлиман», — деди Ҳасан.
«Танирдим Халилни, ҳақиқий эркак эди сенинг отанг. Унингдай паҳлавон йигит Чукурова тупроғига бошқа келмайди», — деди Муртазо. «Тўғри, бошқа келмайди», — дедилар атрофдаги ҳамқишоқлар ҳам. «Ҳаммамиз танирдик Халил оғани. Чукуровада ҳаммамизга ёрдами тегарди. Меҳмон суймас Чукуровада, ягона меҳмонсевар одам эди Халил».
Ҳасан яхши эслайди. Ўша куни шу қадар чарчаган эдики, ўтирган жойида мудраб ўтирарди. Бу ерда унга илк маротаба бола деб эмас, катта инсондек муносабатда бўлишди. Шу муносабат туфайли, Ҳасан бир онда ўзгариб қолди. Уйқусини қочириш учун гапира бошлади. Нималар ҳақида гапирди, нималарни тушунтирди, ҳечам эслолмайди. Отаси ҳақида гапирган бўлиши керак. Отасининг бир илон, катта, чинқироқ илон тусига кириб юрганини гапирган бўлса керакки, атрофидаги одамларнинг кўзларини катта-катта бўлиб очилиб кетганини эслайди.
Кун ботаётганда овқат тортилди. Бутун уйни қиздирилган сариёғ ҳиди тутиб кетди. Овқатларнинг ҳаммасидан — картошкали овқатдан, булғор паловидан ҳам сариёғнинг мазаси келар, нон, қатиқ, асалдан ҳам сариёғнинг ҳиди анқиб турарди.
 Овқат ҳали тугамасданоқ Ҳасан дастурхонинг бошида мунг тушиб қолди. Ўликдек қимирламай ухлар эди.
Эрталаб уйғонганида кун ҳали чиқмаганди. Оппоқ чойшаблардан совун ва ёввойи олманинг ҳиди келарди. Деразадан эса ёввойи гулнинг нордон ҳиди анқиб турарди. Дарров ўрнидан туриб, ташқаридаги чинор томонга чопди. Чинор тагидаги қайнаб, кўпириб турган булоқда юзини ювди.
Қояликнинг тагига бориб, ёзилиб олди. Итлардан қўрқмасайди, арчаларнинг ичида, мазза қилиб бўшаниб оларди.
Эрталаб унга ҳамма ғалати кўз билан қараётгандай туюлди. Қайтиб келганида ўрни йиғилган эди. Ўртада катта бир патнис, патнис устида мистовоқда хамирли нўҳат шўрва буғланиб турарди. Шўрвадан ялпиз ҳиди келарди. Яна пишлоқ, сариёғ, асал ҳам бор эди. Ҳасанни дастурхонга таклиф қилдилар. У уялганидан ҳеч кимга қаролмай ўтирарди. Олдидаги мис товоқни Муртазо оға шўрва билан тўлдирди.
«Бу кеча роҳатланиб, яхши уҳладингми, меҳмоним?»—деди. Юзи қип-қизариб кетган Ҳасан дудуқланиб: «Ҳа, жуда яхши уҳладим», — деди. «Ҳурсандман, ўзингни уйингдагидек бемалол ўтир, Ҳасан укам», — деди Муртазо оға.
Ҳасан меҳр тўла кўзлари билан унга қаради.
У қишлоқда неча кун қолди, Ҳасаннинг аниқ эсида йўқ.
Доим бир илон қувларди уни. Уҳлаётганида ҳам, уйғоқ ҳолида ҳам катта чинқироқ илон уни таъқиб қиларди. Қояликларга, арча дарахтларининг тепасига, ётган хонасига ҳам йўл топиб кирар эди. Ҳасан кечалари бақириб чиқарди.
Тоғаларининг ёнига бормоқчи эди. Уларни қаерда, қайси қишлоқда яшашларини билмасди... Фақатгина бир тоғасининг исмини биларди. Балки бу ерларда уни танишар. Лекин ҳеч кимдан сўраб суриштирмасди.
Бирдан юраги сиқилиб кетди. Ичига бир қоронғулик, дард чўкиб қолди. Онасига бир гап бўлган бўлса-чи, ўлдиришган ёки олиб қочишган бўлса-чи уни. Бир ерда туролмай қолди. Қояликка караб кетди. Узоқдаги бир булоқни кўриб қолди.
Булоқнинг четида бинафшаранг ялпизлар очилиб ётарди. Атрофни арча, ялпиз ҳидлари тутиб кетганди. Ўша ерга қараб чопди. Бир қоядан пастга думалаб кетди. Қандай қилиб у махлуқларнинг орасида онасини ёлғиз қолдириб кетди. Қандай қилиб-а? Ўзи бу ерда еб-ичиб, айланиб-кезиб юрибди-да, онасини эса жаҳаннам ўчоғига ташлаб келибди. Энди нима қилса экан? Ўлдиришган онасини, аниқ ўлдиришган. Бирдан чинор тагида тўҳтаб қолди. У ерда булоқ қайнаб чиқарди. Узоқдаги қояларга бургутлар қўниб, яна учиб кетишарди. Бирданига кичрайиб ҳовучдай бўлиб қолди. Инсон бундай кичиклашиб, ҳашоратдай бўлиб қолиши мумкинми? Ҳасан шундай бўлиб қолди. Кичик бармоқдек ҳолга тушганди. У нима иш қилиб қўйганини жуда яхши биларди. Ҳа, амакилари онасини ўлдиришлари учун уни ташлаб қочган эди.
«Кўрмайин, кўзим кўрмасин... Онам ўлиши, ўлдирилиши керак. Ўлдирилиши лозим. У ўлмаса бўлмайди. Чукуровадаги ҳеч ким бизнинг юзимизга ҳам қарамайди. Отам ҳам чинқироқ илон бўлиб, Чукуровада кезиб, жаҳаннамда ёниб кул бўлади. У ўлиши керак. Онам ўлмоғи лозим. Эсма ўлиши керак. Эсма ўлади...»
Очиқ-ойдин шундай ўйларди. Қандай қабихлик. Инсон ҳам ўз онасининг ўлимини хоҳлайдими? Онаси отасини ўлдирган бўлса-чи... Ўлдириб отасининг қонини ерда қолдирган, шу туфайли отаси арвоҳга айланиб, қиёматгача ҳар хил тусга кириб, дўзаҳ азобини тортаёттан бўлса-чи... Шунинг учун у ўлиши керак. Ҳа, ҳа, ўлиши керак. Бўлмаса бувисининг Эсмага қандай душманлиги борки... У ўғлини қутқаришга қаракат қиляпти. Ўғлини арвоҳликдан қутқармоқчи. Эсма ҳам ўзи учун шундай қилмас эдими? Мен отамни қутқармайманми?
Булоқ бошига ўтириб, йиғлай бошлади. Йиғлашдан ҳам даҳшатлироқ ғам чекар эди. Ичи алғов-далғов бўлиб кетди. Онасини ўлдирган бўлишса-чи... Қалбида бир севинч... Сўнгра севинч ўрнини ғам-ғусса эгаллаб, юрагига даҳшатли оғриқ тушди. Бир дард, бир қувонч тўлқинланиб турарди қалбида. Бирортасининг арвоҳи, бувиси, бир онаси, амакилари... Яна бир Али исмли амакиси бор эди. Ҳозир қаерда экан, ажабо? У телба, инсонликдан чиқиб кетган одам эди. Балки онасини ўша ўлдиргандир. Кўз ўнгига онасининг жасади келарди. Визилламай юрган пашшалар... Қони оқиб ерда қотиб қолган... Қўли бир тарафда, оёғи бир тарафда. Юзи барабандай шишиб, кўзларидан сариқ сув оқарди. Кўзларининг ичида қора пашшалар тўпланиб ётарди.
Ҳеч кимга хайр ҳам демасдан, отига миниб Чукурова йўлига тушди-да, уйига учгудай тезликда етиб келди.
Нима бўлди, қачон келди, қишлоққа қачон кириб келдт, қачон Али амакиси йўлини тўсиб чиқди, ҳеч нарсани эслолмайди. Онасини кўрди, онасини. Лойга ботган эди. Онаси уни кўриши билан бақириб қучоқлаб олди. Шуни эслайди, холос. Бутун кийимлари қонга булғанган. Яраси оғир эмасди. Икки кундан кейин онаси гапириб берди. Отининг оёғи синган экан, онаси шундай деди. Оёғи синган бўлса, унга бундан ҳам яхшироқ, кучлироқ от олиб беришини айтди. Отасининг пули кўп эди. Онасини ўзининг ҳам пули кўп эди.
Ҳасан иситмадан ёниб ётарди. Бироздан кейин тузалиб қолди. Қишлоққа чиқишга қўрқар, эрталабдан кечгача уйда ўтирарди. Ҳасан қишлоққа чиқиш у ёқда турсин, эшикдан бошини чиқаришга ҳам қўрқарди.
У касал бўлиб ётар экан, бу орада уни кўргани на бувиси, на амакилари келди, қишлоқдан ҳам уни йўқлаб ҳеч ким келмади.
Қишлоққа ҳар хил гап-сўзлар тарқалди, лекин онаси бу гапларни Ҳасанга айтмади. Онаси айтмадию, аммо бу ғийбатлар қандайдир йўл билан унинг қулоғига етиб келди. Қандай қилиб, ахир?
Бир кеча Ҳасанни отаси отига миндириб тоғларга олиб қочганмиш. Уни бўғизлаб, кўзларини ўйиб олибди.
Отаси уни бўғизлай туриб, шундай гапларни гапирибди: «Ҳасан, бахти қаро Ҳасан ким отасининг хунини олмай арвоҳга айлантириб, дўзаҳ азобида ёндириб қўйибди? Сен ҳам одаммисан. Сен ўлишинг керак. Хор бўлиб, ҳайвондек яшаётганинг, отанг қотили қўлидан нон еб кун кечираётганинг учун ўлишинг лозим, Ҳасан.
Орадан бир қанча ойлар ўтса ҳамки, қишлоқ ҳануз шу ҳақда гапирарди. Бир куни Ҳасан ташқарига отилиб чиқиб, бувисининг, амакиларининг уйига кетди.
Телбалардай ўзини йўқотиб, тинмай бақирарди. «Мен кетгандим, мен қочгандим, қочган эдим бу лаънати жойдан. Сиз туфайли кетгандим. На отамни кўрдим, на бошқа нарсани... ёлғон, ёлғон, ҳаммангиз ёлғон гапиряпсизлар, ёлғон». Кечгача кимни кўрса йўлини тўсиб, ёлғон гапираётганликларини айтиб бақирарди. Ҳамқишлоқлари унга телбага қарагандай бефарқ қараб ўтишарди.
Сафар исмли қариянинг йўлини тўсиб, юзига бақириб ташлаганида, қария тинмай дуолар ўқиб унга пуф-пуфлади: «Вой бечора, отасининг арвоҳи буни чалиб кетибди». Ҳасан бу гапларни эшитиб, юзини қўллари билан беркитганича уйига чопди ва ўзини диванга отиб, ўликдай қимирламай ётиб қолди.
Онаси унга яқинлаша олмас, нима бўлганини ҳам сўролмас эди.
Бу воқеадан сўнг Ҳасан уйида ўтиролмади. Ичидаги қандайдир бир туйғу уни доим қишлоқ ичига бошлайверарди. Ҳамқишлоқлари хоҳ ёлғиз, хоҳ кўпчилик бўлиб унга дуч келсалар, қаерда бўлишидан қатьий назар, унга гапирмай ўтмас эдилар. Ё орқасидан ёки тап тортмай юзига...
«Хуни олинмаган арвоҳлар, ўғиллари биттагина бўлса ҳам чалиб кетадилар...»
«Арвоҳлар, арвоҳликдан қутилиш учун ҳар нарсага тайёр».
«Оллоҳ ҳеч кимни арвоҳдай сарсон қилмасин, ҳеч кимнинг бошига солмасин бундай кунни».
«Арвоҳлик азобдир».
«Қони ерда қолган арвоҳ — ҳақиқий арвоҳ».
«Агар энди Эсма ўз ажали билан ўлса, Ҳалил қиёматгача арвоҳ бўлиб судралиб, ҳам бу дунёнинг, ҳам Оллоҳнинг жаҳаннамида азоб тортади».
«Иншоолоҳ, ўз ажали билан ўлмайди, эссиз Ҳалил»...
«Оллоҳ бундай ўғилнинг ўрнига қора тош берса бўлмасмиди».
«Онасини ўлдириш осон ишми? Инсон онасини кўзи қиймайди, онанинг ҳидига тўйиб бўлмайди». «Ҳасан ҳали ҳам ёш бола, катта бўлсайди, вояга етсайди, онаси бўлса ҳам Эсмани бир кун ҳам яшатмасмиди?»
«Онани ўлдириш қийин».
«Паҳлавон йигит ҳам онасини ўлдиролмайди».
«Онасини ўлдириш учун инсоннинг қаҳри қаттиқ бўлиши керак».
«Залўғли Рустам каби бўлиши керак».
«Гўрўғлидай бўлиши керак».
«Мустафо Камолдай, Гизик Дурандай бўлиши керак».
«Фақатгина қора илон кабилар оналарини ўлдиришлари мумкин. Қора илон кабилар».
«Бечора; кичкина бир бола бўлса, қандай, қандай қилиб ўлдирсин онасини».
«Ҳар қандай эркак ҳам онасига қўл кўтара олмайди». «Кўта-раоларми?»
«Онани ҳам ўлдириб бўларканми?»
«Йўғе, сен ҳам... Бу бир эскилик сарқити. Болани алдаб, онасини ўлдиртирмоқчилар, бечора ўғлонга».
«У ақлли экан, онасини ўлдирмаяпти».
«Ҳоли-жонига қўйишмаяпти-да».
«Яшасин, Ҳасан, онасини ўлдирмаяпти».
«Ўғлонга қара, ўғлонга. Онасини ҳимоя қиляпти. Темирдай бақувват чиқди, ўғлон».
«Йўқ отаси... йўқ, Ҳалил арвоҳ бўлиб...»
«Борсин ана, арвоҳ бўлиб юраверсин».
«Буларнинг ҳаммаси арвоҳга айланади. Шу қадар кўп одам ўлдирганларки. Ҳеч бири мозорида тинч ётолмайди».
«Йўқ, қони ерда қолди-да... Йўқ...»
«Ҳеч ҳам қони ерда қолмади-да, Аббосни ўлдирдилар-ку...»
«Эсмани ҳам ўлдирадилар».
«Буни устига ўз ўғли—Ҳасанга».
Бирчидаида,июсичидайди..!»
«Ёш бола-ку!».
«Оғзидан кириб, бурнидан чиқарлар».
«Эсмани ўлдирадилар».
«Хотинларни болаларга ўлдиртирадилар».
«Онасини Ҳасан ўлдиради».
Ҳасан туш учида яшаётгандай эди. Ўзини жинниликка солиб юрарди. Ҳар куни, ҳар куни шундай гапларни эшитиш учун кўчага чиқарди. Агар бир кун ё отасидан ё онасидан сўз очилмаса, қалбидаги бўшлиқ уни ақлдан оздирай дерди. Кўникиб қолганди. Бу гаплар унинг яшаш тарзига айланганди. Буларсиз ўзини тасаввур қилолмасди. Онасидан, отаси ҳақида ким тўҳтамай гапиришини ҳам билиб олган ва доим ўшаларнинг ёнига бориб оларди. Отасининг арвоҳлигини, онасининг фоҳишалигини, телбалигини, отасининг хуни олинмаганини ва у ҳақидаги минг бир эртакни жимгина туриб эшитарди. Ҳалил ҳақидаги ҳикояларнинг янгиси тамом бўлса, бу сафар ўзи уйдириб, тўқирди. Ўз гапига ўзи ҳам ишонарди. Тушми, ҳақиқатми? Туш билан ҳаётни бир-биридан ажратолмай қолганди. Арвоҳ — отасини, дунё гўзали — онасини ҳам туш дунёсига олиб кирганди. Қишлоқликлар ҳам Ҳасаннинг ҳолатига тушишган, улар ҳам тўҳтамай хар хил гапларни тўқишарди. Ёлғон тўқишар ва бироздан сўнг ўз ёлғонларига ўзлари ҳам ҳақиқат деб ишонишарди. Бу уйдирмаларга Эсма ҳам ишона бошлади. Энди ўғлини берсалар ҳам, ўғлини бериб, кет десалар ҳам кетолмас эди. Вой, Эсма. Бўлганича бўлганди Эсманинг. Ҳасан, қишлоқ, бувиси, Эсма— ҳаммалари сеҳрлангандай эдилар, гўё.
Эшикларнинг тепасида тўда-тўда қалдирғочлар тўпланиб турарди. Чукуровадаги қалдирғоч инларини уйларнинг ичига қурардилар. Ҳар бир уйда, оғилхоналарда, сомонхоналарда бир эмас, бир қанча қалдирғоч уялари бўларди. Қалдирғочлар ҳар йили қайтиб келганларида ўз уяларини таъмирлардилар ёки лойдан янги уялар қурардилар. Инларида тухум босиб, жўжалар очириб чиқарардилар. Қалдирғоч уяларини бузиб, қўллари синган одамлар қишлоқда анчагина эди. Шу туфайли қалтироқ касалига дучор бўлгандилар. Кўчага чиққанларида ҳам қўл-оёқлари, бутун аъзойи баданлари қалтираб турарди.
Ерларда қалдирғоч уялари эзилиб, полапонлари бежон бўлиб ётарди. Нозик патлари юлиниб, эзилганидан ерга ёпишиб қолган, катта сариқ оғизлари қиёмат қўпгандай қўрқувдан очилиб ётарди. Ғазабланган, ақлдан озган қандайдир бир қўл тепалардаги, устунлардаги уяларни ҳар томонга улоқтирар, инлардаги полапонларни ҳам бир бу тарафга, бир у тарафга ирғитарди.
Сўнгра бошқа уялар илинжида уйлар, оғилхона ва сомонхоналар томонга чопа бошларди...
Тонгда, кун чиқиши билан бутун қишлоқ қўрқувдан зир титрарди. Ким бу уяларни ер билан яксон қилганини ҳамма яхши биларди. Қалдирғочлар қишлоқ кўчаларини тўлдириб, эшикларнинг тепасида вижирлашиб, хавотирланиб, дардли-дардли чийиллаб учмоқда эдилар. Ерда типирчилаб, тупроққа беланиб ётган болаларининг устигача пастланиб, қўлларидан ҳеч нарса келмагандан сўнг яна ҳавога кўтарилишар ва ердаги полопонларининг устида ҳалқалар ясаб тўҳтамай учишарди...
Одамлар қараб турмай дарров инларни ўз жойига ўрнаштира бошладилар, лекин афсуски, қалдирғоч болаларининг ярмидан кўпи ўлиб бўлганди.
Бир ҳафтами, ўн кундан сўнг, эрталаб уйқудан уйғонган одамлар таъмирланиб, ўз жойига ўрнаштирилган уяларни яна ер билан яксон бўлганининг гувоҳи бўлдилар. Яна қалдирғочлар тўда-тўда бўлиб уйларнинг эшиклари тепасида уча бошладилар. Яна ерда тупроққа беланиб, типирчилаётган полапонлар катта сариқ оғизларини очганича жон берарди. Яна одамлар эрталабдан кечгача жон куйдириб, ярми ўлган, ярми эса тирик полапонларни ўз инларига жойлаштирдилар. Қалдирғочлар эса яна катта куч билан уяларини таъмирлар, баъзилари янгидан қурарди. Ҳали сенмисан уяларни таъмирлаб тузатаётган, деган овоз яна бир кеча... Натижада, ҳамма қалдирғоч болалари ўлган эди. Ҳамқишлоқлар ортиқ уяларни ўз жойига ўрнатиш бефойда эканини тушуниб етдилар. Қалдирғочлар эса бир неча кун уйларнинг тепасида тўдалашиб учдилар. Умидлари бутунлай узилган бўлса керак-ки, бундан сўнг қишлоқда бир дона ҳам қалдирғоч кўринмади. Қалдирғочларни ким бу кўйга туширганини ҳамма яхши биларди-ю, лекин ҳеч ким бир-бирига чурқ этмасди.
Қишлоққа мотамсаролик, хосиятсизлик чўкиб қолганди. Қалдирғочлар шу Анаварза харобаларининг бурчакларига, ёпиқ жойларга, камарларнинг тагига юз йиллардан бери ўз уяларини қуриб келардилар. Тонгда бир чўпон ранги бир ҳолатда бўлиб қишлоққа ноҳуш хабар олиб келди. Анаварза харобаларида қанча қуш бўлса, ҳаммаси ер билан битта бўлиб ётар, ердаги қушларни илонлар еяётганди. Қояликларда қанча илон бўлса, ҳар бири оғзига биттадан қалдирғоч боласини солиб олган, уларни тинмай ютаётганди.
«Кўрдим», дерди чўпон бола. «Икки кўзим оқиб тушсин, агар ёлғон гапираётган бўлсам»... Сўнгра бургутларни қира бошлади, у ваҳший. Қоя бургут болаларининг ўликлари, бузилган уяларига тўлиб кетганди. Қояликнинг омон қолган бургутлари осмонга кўтарилиб, харобаларнинг устида ғазаб билан айланардилар. Қояликда тўҳтамай ўқ отиларди.
Ўн хирмон қадар катталикда бир олов ҳалқаси... Бутун атроф ёнарди. Олов ҳалқасининг ўртасига бургут ўликлари тушарди... яна қалдирғоч ўликлари ҳам. Қоялар ёнмоқда эди... Қий-чув... Бутун ҳайвонлар, қушлар, илонлар, тулкилар қийчув қилиб ёнғиндан қочардилар. Ўтлар, дарахтлар, уйлар ёнарди.
Ҳаммаёқ ёниб кул бўлди. Милтиқларни ўқлайдиган пиж  газ билан ҳўлланиб, бувисининг уйига отилди. Яна биттасини деразадан ичкарига отдилар. Аввалига дастурхон, сўнгра эшик ёна бошлади. Ёнғин дарров устунларга ҳам ўтиб кетди. Кучли шамол эсарди. Бир онда бутун уйни олов қуршаб олди. Уйдан оғилхонага, сомонхона ва омборга, сўнгра Ҳасанларнинг уйигача ёна бошлади. Эсма ўрнидан туриб, тезда кийинди. Ҳасан ҳеч уйғонмас эди. Онаси уни тўшаги билан бирга кўтариб, ҳовли ўртасидаги дарахтнинг тагига ётқизди. Ҳасан қисиқ кўзлари орасидан ёнаётган устунга қараб турарди. Онасининг ёлғиз ўзи уйларидан каттакон сандиқни судраб, тапирлатиб зинадан пастга олиб тушарди. Сандиқни судрай-судрай олиб келди-да, Ҳасаннинг ёнига қўйди. Бақириб: «Ҳасан кўзингни оч, уйғон»,.— деди. «Кўзингни оч, Ҳасан, бор-йўғимиз шу сандиқнинг ичида. Кўз-қулоқ бўл унга...»
Атроф худди кундузидай ёришиб кетганди, ҳовли калта иштон, оқ кўйлак кийган ярим яланғоч қишлоқликлар бидан тўлиб кетган.
Қўшниларнинг бири келиб, бири кетарди. Бутун уй ёнар, баъзи жойлари гумбурлаб босиб қоларди. Ёнаётган сомонхонадан отнинг кишнашлари, сигирнинг маърашлари эшитиларди. Телбалардай эсаётган шамол, парча-парча чўғларни қишлоқ томонга учириб кетарди. Ёнғин пастдаги уйларнинг бир-иккитасига ҳам ўтиб, бир зумда ёниб кул бўлди. Катта уй ҳалигача ёнарди. Бир қанча кишилар ёнаётган уйга челаклаб сув сепардилар. Уйнинг сув сепилган ерлари ундан баттарроқ оловланиб кетарди.
Ҳасан уйғонолмай, шу ҳолатда эрталабгача уҳлади.
Онаси ёнига келиб-кетар ва «уҳла Ҳасаним, уҳлайвер» дерди. «Ҳеч ким ҳеч нарсани сезгани ҳам йўқ. Жуда бопладинг бу кофирларни. Барака топгин. Сен уҳла, уҳлайвер...»
Охири Ҳасан чидолмай ўрнидан отилиб туриб, онасининг оғзини беркитди.
«Жиминг, жим бўлинг», — деди. «Ҳозир билдириб қўясиз. Мени ўлдирадилар. Жим бўлинг!»
Яна дарров ўрнига ётиб, уйқуга кетди.
Эрталаб ҳеч нарса бўлмагандай уйғонди. Юз-қўлини ювди. Чарчаб-ҳориган одамлар у ер-бу ерга ўтиб туришарди. Бувиси қаршидаги ҳовли деворининг тагида мум тушганича ўтирарди. Онаси ҳалигача ёнган уйидан чала куйган нарсаларни тортқилаб чиқаётганди. Бошини тепага кўтарганида қўндоғи садафли милтиғининг новдада осилиб турганини кўрди. Ёнғин чиққанида милтиғини уйнинг ичида унутиб қолдирганди.
Тонгда ёнган уйларнинг ўрнидан тутун буруқсиб турар, атрофни куйган жун, ёғ, куйган гўшт ҳиди тутиб кетганди. Куйган ёғ ҳиди кишининг димоғигача кириб, кўнгилни беҳузур қиларди.
Ҳасан бу тонг, бошқа тонгларга караганда, жуда ҳурсанд эди.
Бир нечта кишилар келиб, онасиниег ёнғиндан асраб қолган нарсаларини, ҳовли деворининг орқасидаги катта мажнунтол тагидаги уйга таший бошладилар. Бу уйнинг ёнидаги икки қаватли гувалак деворли уйга бувиси кўчиб ўтди. Яна уйлари ёнма-ён, қўшни бўлиб қолдилар.
Қишлоқда анча вақт ёнғинни ким содир килгани ҳақида тортишдилар. Ҳамма бир-бирини айблар эди. Ҳамма бир овоздан Кизирнинг уч ўғлини ёнғиннинг сабабчилари дея жандармага топшириб, қаматиб юбордилар. Оналари, хотинлари уларни эрта-кеч йиғлаб қарғай бошладилар.
Уйларни ёқишда шубҳа қилинган Қора Усмон тўрт жойидан пичоқланган ҳолатда пастдаги туя ўрасидан топилди.
Бутун қишлоқ бир ёқадан бош чиқариб, бир неча кунда уйларни майдаланган ғиштлардан тозаладилар ва тоғлик усталарни олиб келиб, янги уй қурилишини бошлаб юбордилар.
Ҳасан эртадан кечгача қамишзорда ов овлар, Анаварза харобаларида, бир қоянинг устига ўтириб ўй сурарди. Тоғу-тошдан эса кийик ўтининг ҳиди анқиб турарди.

* * *

«Отангни кўрдим... Ҳасаним... отангни кўрдим. Ой нурларини сочар, худди кун чиққандай эди. Сариқ бир ит тилини бир қарич чиқарганича орқамдан келарди. Ора-сирада ит кетига ўтириб бошини тепага кўтарганича ойга караб увилларди. Аликесик тепалигига келишим билан юрагимга қўрқув тушди. Қараб турсам сариқ ит бир одам, бир ит қиёфасига кириб-чиқиб турарди. Бир қарасам, қаршимда оқ кафанга ўранган одам турар бир оздан сўнг яна итга айланиб ойга қараб увиллаяпти. Яна бир қарасам одам ҳам ит ҳам йўқ бўлиб, қаршимда ўзидан қизил нур чиқараётган қирмизи илон пайдо бўлди. Қоялар, йўллар, экинлар, далалар, қамишзорлар, туннинг ўртасида қип-қизил рангга кирдилар. Анаварза қоялигидан, ҳамма ерни босиб кетгудай бўлиб, шалдир-шулдирлаб қон сели оқарди. Бирдан ер силкинди. Қарасам оқ кафанга ўранган, юзи сарғайиб кетган Ҳалил қаршимда турибди. Қўлларимга осилиб, менга қулоқ сол, Мулла Ҳусайн, деди. Мени тингла қардошим. Биродарим, гапларимни яхшилаб эшит, аҳволим жуда ёмон. Жаҳаннамда қурбон бўлсам ҳам майли эди... Уч кун аввал бир одамнинг эшаги эдим. Ўтган куни чўчқа бўлиб, шу тоғларда юрдим. Бир ой олдин душманим бўлмиш Аббоснинг онасига ит бўлдим. Сўнг чигирткага айландим. Мен чигирткани ёқиб юбордилар. Чигиртка бўлганим учун сакраб-сакраб қутулиб қолдим...»
Ҳасан юзини қўллари билан ёпиб олди.

* * *

Али кедди. Мажнунтол дарахтишшг тагига бориб: «Кел, Ҳасан»,— деди.
Ҳасан чопиб унинг ёнига борди.
«Хуш келибсиз, Али амаки. Қаерга қочиб кетгандингиз, сизни роса қидирдим», — деди.
«Ҳа қочгандим», — деди Али. «Яна қочиб кетаман, жиян, мен қочмайин, кимлар қочсин. Балки қиёматгача қочиб юрарман».
«Кимдан?»—деб сўради Ҳасан. «Сиз кимдан қочиб юрибсиз?»
«Мен қочишим керак. Доим қочиб юраман. Сен ҳам қочиб кетасан. Қандай қиламиз, пешонамизга битилгани шу экан», — деди Али.
«Ҳа, пешонамизга ёзилгани шундай экан»,—деди Ҳасан бошини эгиб.
«Қани кетдик, шу тепаликка», — деди Али.
«Ҳозир, милтиғимни олволай», — деди Ҳасан.
Анаварза қояликлари томон йўл олдилар. Зиналардан чиқиб, қалъа деворининг тагига бордилар. Рўпарадаги йўлдан юк машиналари, автомобиллар, автобуслар, комбайн машиналари, от-аравалар ўтиб турарди. Яйлов бўйлаб чанг-тўзон кўтарилди-да, тезлик билан шарққа қараб учиб кетди. Бир қоянинг устига чўкка тушдилар.
Али узун бўйли, ёшгина эди. Аммо бўйнилари буришиб кетган. Бурни узун, юзи жиддий ва сержаҳл кўринарди. Ора-сира юзидан жаҳлдорлик ўрнини йиғламсирашга ўҳшаш бир ҳолат босарди. «Чарчадим», — деди Али. «Менга маслаҳат бер, бу дарддан мени қутқаргин, Ҳасан. Дардимнинг дармони, ярамнинг малҳами ўзингсан, паҳлавоним. Мана ол, бу тўппончани сенга олиб келдим. Бу Булғор бекларининг филнинг суягидан ясалган, садаф тошли тўппончаси. Бу отангнинг тўппончаси. Ўлганидан бери мени орқамдан қувлайди отанг. У ўлдирилган кеча ўгирилиб орқамга қарасам, Ҳалил узун бир соя бўлиб турибди. Теракдек узун бўйли оппоқ сояга айланиб турибди. Оғзи, бурни, қулоқлари, ҳамма ери Ҳалилнинг ўзгинаси... Аммо сояга айланиб қолибди. Гапир Ҳалил, дедим. Устимга эгилиб, Али, укам Али, деди. Гапларимга қулоқ сол, қонимни ерда қолдирма. Энг мард укам сенсан, ўғлим ҳали кичкина. Мени ўлдирганни, ўлдиртирганни ҳам ўлдир, сен ўлдир. Бу дунёда арвоҳ қилиб қўйма мени, деди. Онанг эса жуда соҳибжамол эди. Буюк Оллоҳимиз тиришиб ҳаракат қилиб онангни яратган. Мен уни ўлдиролмадим. Қўлим бормади. Отанг ерга кирган куни, унинг тўппончасини қўлимга олиб, онанг ёнига бордим. У менга қараб турди-да, «ўлдир мени», деди. «Ўлдир, лекин ўғлим мени амакиси ўлдирганини билмасин. Чунки сизнинг зотингизга душман бўлиб қолади. Биламан, мени яшатмайсизлар, тезроқ ўлдиринг, мен ҳам қутулай». Бошини ерга эгиб, қани от, деди. Қўлим титради. Ота олмасдим. Онанг Оллоҳнинг юз йилда, минг йилда бир яратадиган гўзали, уни ўлдиролмасдим. Мен сени ўлдиролмайман, синглим, дедим. Бу ерлардан бошимни олиб кетаман, сени ким ўлдирса ўлдирсин, лекин мен ўлдиролмайман, сен каби Оллоҳ гўзалига қўл кўтаролмайман. Йўлга тушдим. Орқамга қарасам, бўйи чўзилиб кетган Ҳалил оқ кафани билан боладай йиғлаб турибди. Қўлимдан келмайди Ҳалил, қилолмайман, дедим. Бошқаси, бошқа биров бўлганида эди. Сени арвоҳликдан қутқариш учун ҳатто онамни ҳам ўлдирардим, аммо Эсмани ўлдиролмайман. Ўлдиролмайман, Ҳалил. Ўрнимда ўзинг бўлсанг ҳам ўлдиролмасдинг. Инсон зоти ўлдиролмайди, Эсмани. Ўлдиролмайди. Ҳалил ерга чўзилиб, инграй бошлади. Шу қадар ингрардики, унинг титраши ва ноласидан ер ҳам зир-зир титрарди... Ўлдир, ўлдир-да мени қутқар, дея ёлворарди. Ҳеч ким ўлдиролмаса ҳам сен ўлдир уни. Уни кўрган одам ошиқ бўлиб қолади, мен каби савдойи бўлиб қолади ва ҳеч ким ўлдиролмайди. Сен севиб қолсанг ҳам ўлдир уни. Бу дунёда ҳолим ёмон, жуда ёмон, деб зорланди Ҳалил...» Ҳалил кеча-кундуз демай, доим Алининг кетидан қолмасди. Али Мерсинга қочиб кетди. У ерда ҳам не кўрсинки, бўйни букик Ҳалил унинг қаршисида, кўзларининг ичига термулиб турибди. Ўлдир уни, ўлдир Али, дерди. Мозоримнинг ичи илон, чаён, қурт-қумурсқа, чувалчанглар билан тўлди, мени еб ётибдилар. Қутқар мени Али. Хуним олинмагунча қиёматга қадар илон, чаёнларга ем бўламан. Қиёмат кунигача мени еб тугатадилар, тушуняпсанми? Ўлдир уни, ўлдир Али, ортиқ чидолмайман. Кемиряптилар мени. Ўғлим ҳали ёш бола, ҳали кичкинагина. Бунинг устига онаси дунё гўзали бўлса... Али мен ҳали ҳам унга ошиқман, у мени ўлдиртирган бўлса ҳам, Али...
Истамбулга қочади. Истамбулда ҳам Ҳалил унинг кетида. Тўҳташ нималигини билмайди. Қаерга бормасин Ҳалил унинг ортида, ёлвориб туради...
«Уч марта келдим, қасам ичиб, онт ичиб, Эсмани ўлдирмоқчи бўлдим. Уч сафарида ҳам ўлдир мени, ўлдир-да қутулайин, Али, деди. Уч мартасида ҳам қўлим бормади. Қилолмадим бу ишни. Энди сен ол бу тўппончани. Энди сен ҳам ўлғайиб, эркак бўлдинг. Отангнинг хунини олиш, бундан буён сенинг бўйнингда...»
Шундан сўнг тўҳтамай Эсманинг гўзаллигини мақтай кетди. Охири яна бир маротаба, инсон зотининг Эсмани ўлдиришга кўзи қиймаслигини айтди ва қояликлардан пастга қараб юриб кетди. Ҳасанга хайр ҳам демади.

* * *

Дурсун: «Онанг дунёда тенги йўқ сохибжамол, у дунё гўзалидир, шайтоннинг гапига кирма, хўпми?»—деди.
Бир денгизга айланганди текислик. Пастликда— қалъанинг тагида бир денгиз кўринар эди. Катта, пишқираётган денгиз. Ёнида онаси ҳам бор эди. Яна бир қанча қайиқлар ҳам бор эди. Онаси билан бирга қайиқда кетаётгандилар. Қайиқ тўғри ўрмон томонга кетарди. Кейин қайиқ олдидан Хамита қояликлари чиқарди. Қайиқ кескин тумшуғи билан қояликларни ёриб кирар, қўнғир қояликлардан кўпиклар вишиллаб чиқарди.
«Тўҳтанг», дея бақирди Али. «Иккаловингизни бир жойда ўлдирмоқчи эдим. Яхшики, иккингиз ҳам бир ердасиз.»
Қайиқ кескин тумшуғи билан қояларни ёриб кирар, қояликлар кўпириб, тошлар осмондан устларига ёмғирдай тўкиларди. Али отасининг тўппончасини олиб, уларни нишонга олар, Ҳасанга қарата ўқталарди. Ҳасан қўрққанидан думалаб қоларди...
«Ҳали тош ёғади бу Чукурованинг устига... Бир бечора Ҳалилнинг, паҳлавоннинг, ҳам ўғли, ҳам онаси, укалари бор бўла туриб, хуни олинмайдими?»
Ҳалил ярасини икки қўли билан ушлаганича қамишликлар орасига кириб кетарди. Учли, қиррали қамишзор, қамишлар Ҳалилнинг қўлларига, оёқлари ва кўксига санчиларди. Ҳалил бақириб чопиб кетарди. Кўзлари чиқиб кетгудай бўлиб, мени қутқаринг, қутқаринг мени... Юра-юра ботқоқликка тушиб кетарди. Ботқоқ қонга тўлади. Ботқоқлик биқирлар, ҳар еридан қон пишқириб чиқарди. Ҳалилнинг боши ботқоққа кириб чиқаётганди. «Чукурованинг устидан илонлар ёғилади. Оловлар ёғилади. Чигирткалар, чувалчанглар, қурбақалар, қурт-қумурсқалар ёғилажак. Аданага сел, Жайхонга уят ёғилажак.
Миссис илон, Тарсус ботқоқ бўлиб кетади... Анаварза ёниб хароб бўлади. Анаварзада ким қолса ҳам, нима қолса ҳам пашша, чумоли бўлиб кетади...»
Ҳасан ҳам Ҳалилни очиқ-ойдин кўрди. Отаси турган жойда қорнини ушлаб-ушлаб куларди. Унга тепадан ғалати қилиб қарарди.
«Шу ҳам инсонми, инсонми?»—деган гаплар қулоғига чалинарди.
Бувиси тўшакда ётарди. Юзлари сўлиб, кўзларининг ости кўм-кўк бўлиб қолган, қўллари ҳам кўкариб кетганди.
«Ўляпман-ку Ҳасан, ўлмаслигим керак. Агар мен ўлиб кетсам, ким ўғлимнинг хунини олади. Ҳеч бирингиз одам бўлиб чиқмадингиз. Анови Али борку — Али амакинг, ўша онангга — акасининг қотилига уйланмоқчи экан. Унинг ишқидан телба бўлиб, тоғу тошларга кетган. Ўзинг айт, мен қандай қилиб ўлиб кетаман, Ҳасаним. Инсон ўз акасининг қотилига ҳам ошиқ бўлиб қоладими? Биламан, у жуда гўзал. Инсон зоти унга ёмонлик қилишга ботинолмайди. Уни кўрганнинг қўллари қуролга бормайди. Уни ўлдириш учун бутун бойлигимни бердим, лекин ҳеч ким ўлдиролмаяпти. Онангни кўришлари билан сеҳрланиб қоладилар, Ҳасаним...»
Ҳаттоки болалар ҳам ўлдиролмадилар Эсмани. Тоғларда Ҳожи исмли бир қароқчи бор. Ўзи Жанкизан қишлоғидан бўлади. Ҳожи қароқчининг етти ўғли бор. Еттови ҳам ёш бола. Саккиз, тўқиз, ўн, ўн беш ёшларда. Ўн саккиз ёшгача... Ҳеч бириси жазога тортилмайди. Ҳожи қароқчи болалари ҳали ақлини танир-танимас қўлларига тўппонча беради. Узун соқолли эски қароқчилар ичида катта бўлганлар. Болалар бир неча йилдан сўнг турнанинг кўзини, қочаёттан қуённинг орқа оёғини пойлаб нишонга оладиган бўладилар. Болалар нишонга аниқ урадиган бўлганларидан кейин, бошқасини гапирмаса ҳам бўлади.
Ҳожи қароқчи жуда бой... Болалари одам ўлдириш билан шуғулланадилар. Душмани бор одам, Ҳожи қароқчининг олдига келиб, ҳей Ҳожи қароқчи, шундай бир душманим бор. Бир ўғлингни берсанг, душманимни ўлдирса. Хоҳишингни айт, дейди. Юз минг, дейди Ҳожи қароқчи. Бир қуруш ҳам пастга тушмайман. Бу ҳаёт-мамот масаласидир. Бунинг устига ҳозир болаларни ҳам қамаб юборишяпти. Бир одамнинг ҳаёти пул билан ўлчанадими. Бир одамнинг қадр-қиммати дунёнинг моли билан ўлчанмайди ахир, ўлчанмайди. Лекин биз кабиларнинг кўзи кўр бўлсинки, ишимиз фақат одам ўлдиришдир. Афсуски шундай. Шунинг учун юз минг берасан. Бувиси ҳам Ҳожи қароқчининг ўғлига юз минг беришга рози бўлибди. Ҳожи қароқчининг ўғли муштдеккина бир бола бўлса ҳам, тўппончани бувисига қайтариб, Эсмани кўришим билан оёқ-қўлим қотиб қолди, чиройи кўзимни қамаштирди. Мен уни ўлдиролмайман. Хоҳласангиз Эсманинг ўғли — Ҳасанни ўлдириб беришим мумкин, аммо Эсманинг ўзини ўлдиролмайман, дебди.
Одам ўлдириш билан шуғулланадиган, пул учун одам ўлдарадиган қанча одам бор бу тоғларда. Атайлаб шундай болаларни тарбиялаб, етиштириб чиқарадилар. Пул учун хоҳлаган кишингни ўлдириб берадилар, лекин Эсмани ўлдирадиган одам йўқ.
«Сен ҳам ўлдиролмайсан Ҳасаним. Гўзал онангни сенинг кўзинг қиймайди. Бориб бир аблаҳнинг қўйнига киради у, Ҳасан. Менинг ўғлим ҳам тенги йўқ, келишган йигит эди. Ўғлимнинг тўшагига бир ёмонни ётқизади. Шундан кейин мен ўлмай, кимлар ўлсин. Ўлдирма уни, онангни ўлдирма, Ҳасан. Уни ҳеч ким ўлдиролмаяпти. Уни кўрган одам ошиқ бўляпти. Сен ҳам ўлдиролмайсан, ўлдирмагин Ҳасаним. Ана борсин, чаёнлар кирсин, ўғлимнинг гул ётоғига. Мен ўғлимни ўпишга ҳам қизғанардим, ана қизил қонга беладилар. Мен нима қилай, арслоним? Ўғлимнинг қотили кўз ўнгимда солланиб юрибди. Кийиниб, ясаниб-тусаниб юрибди».

* * *

Даҳшатли бир шамол эсарди. Дарахтларни илдизи билан қўпорадиган, хирмонлар, ўтларни учириб, йўлларни чангитадиган, қояларни тебратадиган шамол... Кўксиларини қутурган шамолга бериб, осмонда бургутлар учишарди...
Бир хирмон бўлиб гулхан ёнарди. Аввалига олов халқаси катталашди. Сўнгра ўнта одам бўйи баробар олов Ҳасанни ўраб олди. Олов борган сари кичиклашарди. Ҳасан ҳеч бир ерга кетолмас, ҳеч бир ерга қаролмасди. Олов ҳалқаси кичиклашгани сари, Ҳасан бўғилиб борарди.
«Уч кундан бери туз тотмадинг, болам. «Ўғлим, овқат емасанг...»
Ҳасаннинг пешонасини нўҳотдай-нўҳотдай тер босарди. У нариги томонга ўгирилиб олган, Эсмага ҳеч қарай олмасди. «Ҳасан, агар одам уч кун овқат емаса...»
Ҳасаннинг юзи қизариб кетди.
«Ўлмоқчимисан?»
Ҳа, Ҳасан ўлишни хоҳларди. Қани энди ўла олса. Ҳасан ҳеч кимнинг юзига қаролмасди. Қишлоқда Ҳасанни ким кўрса, юзини тескари ўгириб кетарди. Амакилари, ҳаттоки, қишлоқнинг итлари ҳам у билан гаплашмас эди.
Уйларни ёққан ким? Ҳасан! Бутун қишлоқ бир овоздан шундай гапирарди.
Отасининг қонини ерда қолдириб, арвоҳга айлантириб қўйган инсондан хайрли иш келармиди. Уйларни ҳам ёқади, инсонларни ҳам, ўзини ҳам.
Қалдирғоч уяларини бузиб, уларни ўлдирган ким? Ҳасан!
Отасининг қонини ерда қолдирган инсондан яхшилик чиқадими, қалдирғочларни ҳам ўлдиради, бегуноҳ болаларни, лайлакларни, инсонларни ҳам...
«Бўйи чиригурга қаранг, бўйи чиригурга. Ўзини одам деб ҳисоблаб, қишлоқ ичида одамлардай гердайиб юришини қаранг!»
«Илонга ўҳшайди, илонга!»
«Аҳмоқнинг ўзгинаси, аҳмоқнинг».
«Ўзини бировга керакдай ҳисоблаб...»
«Қочади-да албатта, қочади».
«Бурнини осмондалигани-чи, жувонмаргнинг».
«Худди отасининг қотилини ўлдиргандек».
Қишлоққа чиқиб айланиб юрар, йўл-йўлакай анжирларни узиб кетарди. Палуч деб аталувчи анжирларнинг нозик тиканлари қўлларида. Қишлоқ ичидан чиқиб кетолмасди. Неча йил, неча ой, неча кунлардан бери отаси ҳақида гапириб юрувчилар энди бу ҳақда оғиз ҳам очишмасди.
Унинг арвоҳлиги ва доим қишлоқ ичида кезиб юриши... унутилгандек эди... Гапиришга галириларди-ку, лекин Ҳасаннинг ёнида чурқ этишмасди. Ҳасан бу ҳолнинг тагига етолмай гаранг эди. Ажабо, шу кунларда нима ҳақида гапиришаётган экан-а? Ҳасанни кўришлари билан ҳамма жой-жойида жим бўлиб қолар эди.
 Нима бўлди-ю, бир кун бир бола оғзидан илиниб қолди. Ҳасан севинчидан телба бўлаёзди.
Отаси ҳали ҳам онасига ошиқ эмиш. Шунииг учун қабрида тинч ётолмай, Эсмани кўриш учун ер юзини кезиб юрганмиш. Эсма билан бир кун бирга бўлиш учун жон бермоқдамиш. Балки бир кун келиб Эсмани бўғиб ўлдирармиш. Балки бир кун қишлоқ аҳолиси Эсманинг ўлигини ё Анаварза қояликларига отилган ёки ирмоқда чўкиб, кўкариб ётган ҳолатда топармишлар.

* * *

Қалдирғочлар, ёнғинлар, ўлган лайлаклар, илонлар қувламоқда эди Ҳасанни. У ортиқ уҳлолмайдиган бўлиб қолганди, кечалари ўрнидан туриб, хўроз илк қичқирадиган махалда Анаварза қояликларига чиқиб кетарди. Қояликнинг пасти ўн терак бўйича келадиган жарлик эди. Қоялар текисликдан, пастдан туриб юқорига тикка юксалиб кетганди. Анаварза қалъасининг қоялари кескин эди.
Қоронғу. Ҳасан пичоқнинг тиғида юраётгандай, қирра қоялар устидан кетарди. Қадам босаётган еридан икки бармоқ нариёғи жарлик эди. Жарликнинг таги мармар ётқизилган текислик эди. Бу ердан то мармарнинг устига тушгунча, энг кичик парчаси ҳам қолмай заррага, унга айланади. Буни Ҳасан яхши билади. Жуда яхши билади... Билгани учун даҳшатли бир қўрқувда, тик қоя устидан юриб ўтарди. У ердан ўтиб олиши анча вақтга чўзилади. Пичоқ оғзидек қояликдан ўтгунича, қора терга тушади. Кўзини катта очиб пастга, қорайиб турган жарликка қарайди. Ҳартигул, йиқилмади. Чуқур нафас олиб, хўрсиниб қўяди-да, қишлоққа қайтади. Бу ҳар куни такрорланади. «Қишлоқда ҳеч ким у билан гаплашмасин, у лаънатланган»,—деди Дели Ҳайдар. Оғзида бир дона ҳам тиши йўқ, жағлари ичига кириб кетганди. «Ақлдан озган у. Ҳар кеча, ҳар туни... Мен уни ўз кўзим билан кўрдим».
«Ҳеч ким юзига ҳам қарамасин», — деди Рамзи Топшаран. Ўзи, синглисини ўлдириб, бурдалаб ташлаган бир қароқчи эди. «Ё жинни бўлади ёки...», — дерди у.
Қариб қолган Марям исмли хотин, бўри тишларини чиқариб, чивиннинг учишига ўҳшаш чийилдоқ овози билан: «Мен гаплашаман, у билан. Кўйинглар, яшайверсин бечора. Отаси ҳам арвоҳ бўлиб юрган бўлса бечоранинг», — деди.
«Қандай яхши бола», — деди Фингирдек. «Озгина каттароқ бўлганида эди, ўзим уни бу қишлоқдан олиб қочардим».
«Кўрдим», деди Мустан. «Отаси уни ҳар куни қўлидан ушлаб Анаварза қоялигига олиб чиқади. Қоронғуда қўлидан тутганича жарликнинг оғзида айлантириб юради. Бир кун келиб, отаси Ҳасанни шу қоялиқдан пастга қараб итариб юборади», — деди сийрак, тола-тола, узун соқолини тўҳтамай қашиб.

* * *

Ҳасан эрталаб жуда вақтли уйғонди. Юзини кўп сув билан ура-ура ювиб, кийинди ва қорнини яхшилаб тўйғазди. Бувисининг ёнига кетди. Бувиси анча вақтдан бери у билан гаплашмас, уни кўриши билан нариги тарафга бошини ўгириб у кетгунча шундай ётарди. У кетганидан сўнг, ингранганича бу тарафга ўгириларди. Ҳасан кўп маротаба бувисини ўзининг орқасидан қарғаганларини эшитган. «Бир нима денг, буви. Гаплашинг мен билан. Тушунтиринг, отам қандай қилиб арвоҳ бўлиб қолди. Тушунтириб беринг. Отамни бўрилар, кушлар еяптими, айтинг менга...»
Ҳалилни ҳар куни бўрилар ер эди. Бўрилар уни еб тугатар, лекин Ҳалил яна бошқатдан арвоҳ ҳолига келар эди. Ҳар кеча худди шу ҳолат такрорланар эди.
«Отамни улар қандай ейишяпти, буви?» Бари бир бувиси у бипан гаплашмасди.
Амакилари, уларнинг болалари, қишлоқдаги болалар—ҳеч ким у билан гаплашмасди. Онаси, онаси бўлатуриб ҳам Ҳасанга гапирмас эди.
Қуёш қиздириб турарди. Ирмоқ эритилган кумушдай товланиб оқарди. Ҳасан қишлоқдан қочар, қуёш уни тобора қиздираётган эди. Ирмоқ бўйлаб, пастга Думлу томонга қараб чопди. Думлу қизил туман ичида тебраниб турарди. Яланг оёқ Ҳасан ерни, қумларни босаркан оёқлари куярди. Ҳасан чанқаб сувсизликдан ўлаёзди. Оқшом тушганидан сўнггина ғарбдан шамол эса бошлади.
Ҳасан ёнидаги оқаёгган сувга эгилиб, бир қултум сув ичишни ёки юзини ювиб олишни ақлига келтирмасди.
У тўҳтамай юрар, терга ботган, чангга беланганди. Оёқлари юришни хоҳламай, уни орқага тислантирарди. Олдинга юришга ҳам, орқага қайтишга ҳам жуда қўрқарди. Иккала томон ҳам Ҳасанга ваҳима соларди. Бирдан орқасига қайтди. Орқага қайттганини ўзи англамади. Қачон, нима учун орқага қайтганини ҳам билмади. Туннинг қоқ ярмида Анаварза қоясининг қошида эди. Қоронғуда қоялар тобора катталашиб кетаётганди. Қоянинг тепа тарафидан шовқин-суронлар, яраланган катта бир ҳайвоннинг инграганлари эшитиларди. Шамол ўтларни, дарахтларни, ҳатто қояларни ҳам совураётганди. Бутун кучи билан югуриб, нафаси тиқилганча тепага чиқди. Тиззаси, қўллари қонади. Юқорига чиққанида атрофдан кекик деб аталувчи ўтнинг аччиқ ҳиди ва куйинди ҳиди келди. Ўзини жарлик томонга урди. Худди соч толасининг устида юраётгандай юрар, қулоқлари остида гаранг қилувчи шовқин шанғилларди. Устаранинг тиғидек ўткир қояда юргани сари қўрқар, қўрққанидан мастлардай тебранарди. Жарлик ҳақида ўйларди. Бутун бадани қоронғулик билан қоришиб кетган, титраб турарди. Бирдан қаршисида уни кўрди. Ўзини чап тарафга отди. У устига бостириб келди. Бақиролмади. Тўғрироғи бақирса ҳам овози чиқмади. Бўғилиб кетаётганди, бирдан бўғзинннг бўшашиб қолганини ҳис қилди ва аста-секин нафас ола бошлади. Яна ўрнидан туриб, тиззалари титраганича жарликнинг устарадай оғзига ўзини урди. Ҳозир ўзини худди бир ўйинда иштирок этаётгандай ҳис қилиб миллий рақсга тушаётгандай юрарди. Ичидаги қўрқув ҳам секин-секин ортаётганди.
Шу тариқа Ҳасан бу кеча устаранинг тиғидек қояда қора терга ботгунича юраверди. Шимолга қараб юрар, сўнг яна орқага қайтарди. Кун чиққунгача, оёқлари чалишиб кетгунга қадар бориб келаверди.
Кун ёришиб, жарликни яхшироқ кўриши билан боши айлана бошлади. Теваракдаги дунё, қоялар, ўтлар, арилар, капалаклар, қуриган гуллар—ҳаммаси бир-бирига қоришиб гир-гир айланарди. Пастдаги катта дарё бир сойдек бўлиб қолган, текисликдаги йўллар ипдай ингинчкалашган, одамлар қурт-қумурсқалар мисоли бетартиб айланарди. Кичик бир қизил юк машинаси ҳам чангга ботганича айланарди. Атрофидаги ҳамма нарса гир-гир айланди-да, Ҳасан икки қоянинг орасига йиқилиб тушди, нафаси тиқилганча бир оз ўша ерда шундай ётиб қолди.
Кун қиздирар, Ҳасан терларди, қояликлар ёниб турарди. Ҳасаннинг қулоқлари шанғиллаб, кўз олди қоронғулашиб, кечами, кундузми фарқига бормасди. Англолмасди ҳам. Қояликнинг устидан шаффоф, нурли, оламни ёритганича қизил илонлар ўтиб кетаётганди. Отаси Ҳалил узун оқ кафанга ўраниб, қизил, шаффоф илонларни ўлдирар, ҳар илонни урганида, илондан нурлар отилиб чиқар ва осмонга сапчиб, у ердан юлдуз бўлиб ерга тўкиларди. Ўлдирилган илонлар ерга тушиши билан яна қайтадан тирилар эди. Териси қалин қуртлар, қуёш нурида айланиб-айланиб, қояликларга урилиб акс-садо берар ва ерга тушиб йўлларга, яйловларга ёпишиб кетарди. Миллион-миллион шиллиққуртлар оқ тугмачалардай ҳар бир ўтга, гулга, арчага, дарахтга, япроққа ёпишиб олганди.
Ҳасан ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин туролмади. Аъзойи бадани қақшаб, чидаб бўлмас бир оғриққа кирганди. Ўрнидан туриб, жарликнинг устара тиғи каби қиррасида юришни хоҳларди. Туриб юрмаса, ёрилиб ўладигандай эди.
Пастдаги ўша қизил юк машинаси жимжилоқдай кичрайиб кетганди. Ўша ердан бир йиқилса, минг бурда бўлиб... Қўрқувдан дағ-дағ тирарди. Судралиб-судралиб жарликнинг оғзига келди ва ўрнидан турди, пастлик эса чуқур, узоқ эди...
Яйлов то Гавуртоғинннг тагига қадар теп-текис эди. Хамита қалъаси, Илонқалъа ва Топрак қалъа туман ичида қолганди. Яйлов товланиб турарди. Текисликнинг ҳар ёни нурга тўлганди. Фақат жарликнинг туби қорайиб турар, Ҳасан эса у ерга қаролмасди ҳам, Қоронғулик. Ҳасан бирдан жонланиб, сапчиди-да, оёғининг ярмича келадиган жарликнинг учида юра бошлади. Юргани сари қўрқар, қўрқувдан ақлдан озар, яна ўзига келарди. Боши, айниқса, кундузлари кўп айланарди. Юрган йўли чексиздай туюлди, балки бир кунлик йўл юргандир?! Шундай туюларди унга... Бир бўшашса, юролмай қолар, жарликнинг бошида, пастликка қараб бир олдингга, бир орқага тебранарди. Ичидан ана йиқилдим, мана йиқилдим, деган товушлар келар ва тебранарди. Бир олдинга, бир орқага тебранарди. Атроф қорайиб кетар, сўнг қуюқ, кўзни олувчи бир ёруғлик билан очиларди. Ҳасан бир олдинга, бир орқага бориб, келарди. Қулоқларни кар қилгулик шовқин борган сари ортиб, у тебранган сари шовқин ҳам кучайиб борарди.
Охири Ҳасан ўзидан кетди. Орқага, тупроқнинг устига йиқилди, қояларнинг орасига чалқанчасига чўзилиб қолди. Олдинга тебранганида, ўзидан кетганида эди, ҳозир пастда бурда-бурда бўлиб ётган бўларди. Бутун бадани сочилиб ётган, жарликка тушмасданоқ бургутлар унинг парчаларини минг бўлакка бўлиб, еб тугатган бўлардилар...
Оқ кафанли келди. Олдида бир сурув қирмизи илонлар... «Ҳасан», — дерди, — «Ҳасан сен ўғлим эмасмисан? Менинг пушти камаримдан бўлмаганмисан, Ҳасан? Отангни қутқармайсанми? Мана олдимда юзларча қирмизи илон, булар илон эмас, қони ерда қолган, хуни олинмаган одамлар. Ўлдирилганлар, бироқ ўчлари олинмаган. Арвоҳга айланиб, қирмизи илон тусига кириб юрибдилар. Дўзах моликлари мени буларга чўпон қилиб қўйди. Менинг ҳам қоним ерда қолса, шу илонлар ҳолига тушаман. Отангнинг бу аҳволига қандай чидайсан, Ҳасан? Ўғлим эмасмисан, раҳминг келмайдими менга? Мен қирмизи илон бўлиб, қиёматта қадар шундай судралиб юришга лойиқманми Ҳасаним, болам. Оҳ илонни ўлдирсалар, ўлдирсалар эди илонни... Оҳ, Ҳасан...»
Бир қараса айиқ эди, деворлар, қоялар, қалдирғочлар чўғлар устига тўкиларди. Ҳасан қочар, илон, қалдирғочлар, бургутлар, қирмизилар уни қувардилар.
Қишлоқ яна гапира бошлади. Етти ёшдан, етмиш ёшгача ҳамма-ҳамма, гапирарди. Тилларида Эсма эди. Ҳалил келганмиш. Бутун қишлоқ тамом бўлган Ҳалил билан гаплашганмиш. Аввал онасининг ёнига келганмиш. Онаси билан жуда кўп гаплашганмиш. Сўнг чидолмай, қишлоққа келиб, дарахтнинг тагида ўтирганмиш. Атрофдан апельсин ҳиди келармиш. Қишлоқ ўртасида бақирганмиш: «Қирмизи илонларга чўпон бўлдим, чўпон...»
Кейинроқ, шаффоф қирмизи илон бўламан. Мени илон қилиб қўйманглар, илонни ўлдиринглар, ўлдиринглар илонни...»
Сўнгра пат этиб, ўртасидан ёрилиб, қишлоқ устига қирмизи илонлар ёғила бошлаганмиш.
Бувиси бироз юмшаб қолган, юзи севинчли кўринарди. Анчагача Ҳасаннинг сочларини силаб ўтирди. Ҳасан бундан жуда ҳам ҳурсанд эди. Бувиси у билан гаплашди ҳам. Демак, энди хамқишоқлари ҳам гаплашишади. Яхши, Ҳасан бу сафар ҳам қутилиб қолди. Бувисининг оғзига киргудай бўлиб гапларини эшитарди. Эшитганда ҳам, бутун юраги билан мазза қилиб тингларди... «Ҳалил муҳаббати туфайли ҳам арвоҳ бўлиб юрганмиш, эшитдингми, Ҳасан? Онангга савдойиланиб, ошиқ бўлган. Рашк қилаётганмиш онангни. Тенги йўқ гўзалимнинг қўйнига бошқа бир эркак кирадиган бўлса, мен ўламан, деётганмиш. Тушундингми Ҳасан, тушундингми болам, сенинг отангнинг, шундай паҳлавон бир йигитнинг тўшагига бошқа бир эркак кирадими, бўладиган ишми бу? Кел, кел, кел Ҳасан. Кел болам, кел».
Ҳасаннинг бошини қучоғига олиб, минғир-минғир гапира бошлади:
«Сен билмайсан болам, ҳали ёш боласан. Менга қулоқ сол болам. Улғайдинг, паҳлавон йигит бўлдинг, сен каби бир йигитнинг онаси бошқа эркакларни ўз ётоғига олиши мумкинми? Кел, кел, якинроқ кел, ҳеч ким эшитмасин. Онанг ҳар кеча бир эркакни ётоғига олаётганмиш. Буни бутун қишлоқ кўрибди. Кўрмаган, эшитмаган, билмаган қолмабди. Бу гапга нима дейсан, Ҳасан... Отангнинг қони ерда қолди, онанг эса дунё гўзали, уни ўлдиришга ҳеч кимнинг кўзи қиймайди, майли ўлдирмасинлар. Лекин сен, сен нима деган одам бўлдинг, бу дунёда қандай бош кўтариб юрасан. Ҳамма сенинг онангни... Ўлгунинггача сени фоҳишанинг ўғли демайдиларми?! Нима дейсан Ҳасан? Пешонангдаги бу қора доғни қиёматгача қандай кетказасан? Мен яқинда ўлиб кетаман. Ўғлим ўлиб, қони ерда қолди, энди эса набирамнинг ҳам юзи қора бўлди».
Ҳасаннинг бошини ўзидан узоқлаштириб, унга кўз қирини ташлади. Ҳасаннннг юзи ўликларникидай бўлиб қолганди. Бувиси нишонга аниқ тушганини сезиб, севиниб кетди. Одатда болалар оналарини ўз оталаридан ҳам қизғонадилар.
«Кечалари уҳламай уни пойлаб овора бўлма, онанг жуда айёр. Агар бир хотин бошқа бир эркак билан дон олишишни хоҳласа, этагининг учини ўз эрига тутқазиб қўйиб ҳам мақсадига етиша олади. Эри буни сезмайди ҳам. Шунинг учун онангни пойлама. Ана, кўчага чиқ. Онангни бошқа эркак билан ётганини кўрмаган бормикан...»
Гапирди, гапираверди. Онасининг гўзаллигини минг маротаба, қайта-қайта гапираверди.
Ҳасан бувисининг ёнидан чиққанида тинмай гандиракларди. Қалбини чидаб бўлмас бир қайғу чулғаб олганди. Қишлоқ майдонига борди. Ёнидан ўтган-кетган уни тутиб олиб гапирарди. Қишлоқ онасининг фоҳишалигини бир, икки ой тўҳтамай гапирди. Миясида ҳар хил гаплар айланарди, гўзал хотиннинг оёқлари, юзи-қошлари, кўзлари. Ва яланғоч ҳолатда қучоқлашишлари... Ақлдан озай деса ҳам, яна ҳамқишлоқларининг онаси тўғрисида ҳеч зерикмай, чарчамай гапирган гапларини тингларди. Тингламаса, ўларди. Қишлоқликлар қандайдир сеҳр билан бувисига боғланган, у нима деб гапирса, улар ҳам бирга минг қўшиб сўзлашарди. Қишлоқ ҳам, Ҳасан ҳам бувисининг қўрқинчли босими остида эдилар. Онаси ўлиши керак. Онаси...
«Бу қийин, бу жуда қийин, ука».
«Шу ҳам— онасининг фоҳишалиги ҳам таъсир қилмаса Ҳасанга, унда қон йўқ демак».
«Томирида қони бор одам, отасининг қотили онаси бўлса ҳам, яшатармиди уни?»
«Қони қуриган, қуриб қолган қони».
«Эркаклар уйларига келиб, онасини бошдан-оёқ ечинтириб, ишга киришармишларда, Ҳасан уни томоша қилиб, кайфланармиш».
«Ҳасан кўзларини очиб, қараб турармиш».
«Бир сафарида онаси уялиб, кет бу ердан, одам ҳам онасини шу ҳолатда томоша қиладими, деганмиш. Ҳасан йиғлаб, мен томоша қиламан, деганмиш».
«Ҳасан онасига тўҳтамай, кўзларини юммасдан ҳам қараб турармиш».
«Эркакларнинг у билан ўйнашишларидан завқ олармиш».
«Онасига, мен сени ўлдираман, деганмиш».
«Нега энди?»
«Агар бир эркакни тўшагинга олганингда, мен бўлмасам, сени кўрмасам, мендан яширинча бу ишни қилсанг...»
«Онаси нима дебди, онаси?»
«Нима дерди, бечора. Мен бир тул хотинман, эркакларга муҳтожлигим бор, дебди. Ўғилнинг, онасини томоша қилиши уятдир. Нима қилайки, эркакларга муҳтожман, эримни бўлса, ўлдирганлар».
«Эркаксиз яшолмайман, деганмиш»
«Яшолмайди, у».
«У мисоли Далап Араб бияси каби...» ;
«Бир кечада бутун қишлоқнинг эркагини қўлдан ўтказади».
«Бошқа эркак йўқми? Эй, Муҳаммад уммати, менга яна эркак керак, дейди».
«Ҳасан нима қилсин, ҳали муштдай бир бола бўлса...»
«Бўйни узилсин Ҳасаннинг, бўйни».
«Одам ҳам онасини бошқа эркакларнинг қўйнига солиб, онасининг ишларини, у ер-бу ерини томоша қиладими?»
«Жинни бу сулола. Буларнинг бошдан-оёғи жинни».
«Бечора Ҳасан».
«Қаердан билсин, бола бечора, онаси эркакларни тўшагига олишини, қаердан билсин»
«Пойлаб ётибди, бечора».
«Бир кун пойлабди, икки кун пойлабди».
«Пойлайди-да, пойламасинми? Ҳасандай бола, онасининг фоҳишгалигига чидайди, деб ўйлайсанми?»
«Одам ҳар нарсага чидайди-ку, лекин, онасининг фоҳишалигига чидолмайди, ўлади».
«Ҳасан эркак эмасми, бир кўрсин онаси билан бошка бирисини».
«Онасининг қўйнида».
«Мўлжалга аниқ олади Ҳасан... Онасини ҳам, унинг устидаги одамни ҳам ўлдиради».
«Ўҳ, ўҳ, ўҳ! Онаси буни билмайдими? Билиб туриб, ишини Ҳасаннинг кўз ўнгида қиладими?»
«Ҳасан онасига бир нарса қиладими... Ахир у Ҳасаннинг онаси... Ана қилаверсин... Онаси дунё гўзали. Бундай гўзал хотин ўзини кўз-кўз қилмай нима қилсин?»
«Уч кун пойлабди, бола».
«Унинг уҳламаётганини онаси билмайдими?»
«Уч кундан сўнг, Ҳасан уҳлаши билан, бир эркакни қўйнига олибди, эрталабгача».
«Уч кун уҳламабдида Ҳасан... Бечора...»
«Ҳалил ҳам илон тусига кирибди, қирмизи илонга айланибди. Шишадек ичи кўринадиган, бир учи бу ерда, нариги учи у ерда бўлган илон».
«Бечора келиб, уларнинг рўпарасида ўралиб, Эсмани томоша қилиб турармиш. Эсма бўлса ҳалигидай одамлар билан... Арвоқ, арвоҳнинг қўлидан нима ҳам келарди? Илонмиш, аммо ичи ҳаводек кўриниб турувчи, қирмизи бир илонмиш. Ҳаводан ясалган илон ўч ололмайди».
«Ҳасан, ажойиб бола. Сиз Ҳасаннинг миясини бундай заҳарламанг».
«Ҳасан онасининг бундай ишларига чидолмайди».
«Ҳали ёш бола».
«Қанақасига бу ёш бола, эшак-ку бу...»
«Эсмани кўз қиядими?»
«Оллоҳ бундай гўзал бир Эсмани бошқа яратмайди...»
«Бу қишлоқ, бу минг ёшдаги каттакон жодугар ўлдиради бечорани».
«Гўзалга душман — Оллоҳга душман».
«Қанийди Оллоҳ уни яратмаса. Уни яратиб инсонларнинг бошига бало қилган».
«Нега, нега бало қиларкан. Бечоранинг оғзи бўлса ҳам тили йўқ».
«Оғзи бору тили йўқ бўлса, қишлоқнинг ўртасида ликиллаб кезиб юрган кимдир?»
«Ҳар куни, қар куни...»
«Кўрган эркакни, эс-ҳушидан айирган...»
«Эссиз, Эсма!»
«Ўз қишлоғига кетса эди».
«Кетмайди».
«Кетолмайди».
«Нега кетсин, нега кетсинки, у каби гўзаллар юзлаб бор экан, қишлоғида».
«Бу ерда эса бир дона».
«Эй, Оллоҳнинг бошқа иши йўқми, юзта Эсма яратадими не ҳасратда. Эсма гўзалликда, бу дунёда ягонадир».
«Бир дона, биттагина, ягона».
«Эссиз!»
«Бир дона бўлса ҳам, Ҳасан уни яшатмайди, ўлдиради».
«Эссиз!»
«Ўлдиради».
«Ҳасан, кофир, инсон ҳам онасини, ўз онасини ўлдирадими?»
«Ўлдиради, бу сулола».
«Бу қонхўр сулолага одам ўлдир, десанг бўлди. Нафақат онасини, балки етти сулоласини ҳам сўйиб ташлайди».
«Эссиз!»
«Бечора Эсма».
«Ўлдирадилар булар».
«Ўлдиради, Ҳасан».
«Ҳали ёш бола, қамашмайди ҳам».
«Уни қамашармикан?»

* * *

Бирдан бу гаплар тўҳтади. Қишлоққа шундай бир сукунат чўмдики, чурқ этган товуш йўқ. Қишлоқликлар ҳеч гапирмасдиларми ёки Ҳасанга шундай туюляптими. Ҳар куни бувисиникига борар, бувиси ҳам оғиз очиб бир нарса демасди. Ўликда товуш бўлиши мумкин, лекин қишлоқда, бувисида ҳеч қандай товуш йўқ эди. Ёки отасини, онасини гапирмаганлари учун Ҳасанга шундай туюлаётгандир. Ҳеч ким, ҳеч бир зоғ оғиз очмасди.
Ҳасан эрталабдан кечгача қишлоқ ичида у ердан бу ерга бориб келар, учраган одамга умид билан, ёлворгандек қарарди. Ҳеч ким чурқ этмасди. Отасини, онасини ҳам унутиб юборгандай эдилар. Дарахтларга, сувларга, тил-забонли не бўлса, барисидан омонлик тиларди.
Қалдирғочлар ҳам йўқ эди энди, уялари бўм-бўш, вижир-вижир килишмайди. Бургутлар эса юксакларда учадилар, товушлари ҳам йўқ, пирилламайдилар ҳам.
Қирмизи илонлар, қумурсқалар, узун кафанли одамлар, сариқ итлар, ҳар кеча кабристонда ҳурадиган кучуклар... Ҳамма, ҳамма нарса йўқ бўлиб кетган. Ҳеч нарса йўқ...
Ҳасан бу бўшликни тўлдиришга умид билан ҳаракат қиларди. Қишлоқдаги энг кичик новдани ҳам қучоқларди. Ҳамма нарса, ҳамма ўлган, жимжитликда эди.
Ҳасан сўнгги бир умид билан қуёшнинг қизғин нури остида жарликка қараб кетди. Устара каби ўткир қояда, жарликнинг ёнгинасида, оёғи бир тойиб кетса, пастда, бурда-бурда...
Парча-парча, дея ўйларди Ҳасан, лекин мен парчаланиб кетсамчи, деган фикр ҳеч хаёлига келмасди. Қўрқмас, юрагида озгина ҳайиқиш ҳам йўқ эди. Пастлик ястаниб турар, юк машиналари ўйинчоқдай, инсонлар чумолидай, ирмоқлар ипдай кўринарди. На боши айланар, на йиқилишдан қўрқарди. Ўзини шу ердан пастга қараб отишдан ҳам қўрқмайди ҳатто.
Қўрқишга ҳаракат қилиб, пастликка тикилганича чуқур жарликдан кўзини олмасди. Қанча тикилмасин, ҳеч бир фойда йўқ. Жарликнинг устарадек ўткир чўққисида юриб, чопиб, айланиб келса ҳамки, барибир йўқ, йўқ, йўқ...
Қишлоққа қараб кетди. Уйига борди, онаси уни кутиб олди. Энди сочидан тирноғигача енгил титраб, туклари тикка бўлди.
Қўл-оёғи қалтирай бошлади. Уйда ўтиролмай кўчага чиқиб кетди. Қишлоқ майдонига боргунича бўм-бўш бўлиб қолди.
Онасини кўриши билан телбалардай қалтирар, ўзини билмай, титраб-қўрқар, у ердан кетиши билан бўм-бўш бўлиб қоларди...

* * *

Онаси ҳовлидаги тандирга ўт қаларди. Тандирдан бир қучоқ олов юқорига ўрларди. Ҳасан титроқ ичида қўлидаги тўппончани ўйнарди. Қўлидаги тўппонча отасиники эди. Олов ловиллаб-ловиллаб, сўнг бирдан пасайди. Онаси тандирга эгилиб-эгилиб турарди. Ҳасан қалтирар, титрарди. Эти жунжукарди. Боши айланарди. Онаси кўзининг олдидаги олов ичида эди. Бирдан қўлидаги тўппонча отилди. Бир қичқириқ эшитилди.
Яна, яна ўқ узилди. Атрофни куйган гўшт, куйган соч ҳиди тутиб кетди. Ҳасан бирдан бўшашди. У қўлида тўппончаси билан тандир бошида бироз айланиб турди. Онасининг боши тандирга кириб қолган, сочлари ёнарди. Анаварза томон йўл олди.
Уч кундан сўнг уни ўша қоя сандиғининг ичидан кучуги топди. Тош қопқоқни устига яхшилаб ёпган эди. Ит ўз соҳибини қандай қилиб бўлса ҳам топади, ҳидидан топади, ҳидидан.
Бир неча ой аввал Ҳасан мени қидириб топди. Туриш-турмуши жойида экан. Учта комбайни, бешта трактори, яна билмадим, қанчадир қарич даласи бор экан. Каттакон бир уй қурдирибдики, уймисан-уй. Ўттиз қаричлик апельсин боғининг ичида экан. Уйланган, жуда гўзал хотини бор экан. Болалари эса олтита бўлибди: учи ўғил, учи қиз.
Тўртга одам ўлдириб, кеча-кундуз намоз ўқийдиган турмадаги оғани эсладик. Инсонликдан чиқкан Лутфини эсладик... Чукурова инсонлари борган сари золим, ёмон, меҳр-муҳаббатсиз бўлиб кетишганмиш. Дўст деб аташ мумкин бўлган, дўст қолмабди. Ҳаммаси бир-бирининг кўзини ўяр, сариқ чақа учун отасини ўлдиришдан ҳам тоймасмиш. Ўзи элу халққа унчалигам қўшилавермасмиш. Баҳорда апельсин гуллари шундай бўй таратарканки, ифори кишини маст қилар эмиш..