forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => O'zbek nasri => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 03 Dekabr 2010, 13:47:49

Nom: Oybek. Qutlug' qon (roman)
Yuborildi: AbdulAziz 03 Dekabr 2010, 13:47:49
Oybek. Qutlug' qon (roman)

(http://www.ziyouz.com/images/books/qutlug_qon.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=947)

Muallif: Oybek
Hajmi: 14,7 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=947)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5280.0)
Nom: Oybek. Qutlug' qon (roman)
Yuborildi: AbdurRohman 31 Dekabr 2010, 10:27:18
Ойбек

АСАРЛАР

ЎН ТОМЛИК

УЧИНЧИ ТОМ

ҚУТЛУҒ ҚОН

Роман


ҒАФУР ҒУЛОМ НОМИДАГИ
БАДИИЙ АДАБИЁТ НАШРИЁТИ
ТОШКЕНТ – 1969


Редколлегия:

САРВАР АЗИМОВ, АБДУЛЛА ҚАҲҲОР, ИЗЗАТ СУЛТОН, МИРТЕМИР, ЗУЛФИЯ, ҲОМИЛ ЁҚУБОВ, ЛАЗИЗ ҚАЮМОВ, МАТЁҚУБ ҚЎШЖОНОВ, ҚЎЧҚОР ХОНАЗАРОВ, ХОЛИДА СУЛАЙМОНОВА.


БИРИНЧИ БОБ

I

Вақт пешиндан оққан эди. Июль ойинииг қуёши ҳамма ёқни олов сели билан тўлдирган, ҳаво аллақандай оқ аланга билан жимгина ёнгандай... Кенг дала йўлида қатновчилар сийрак: эски кир қалпоғини бурнига қадар тушириб, иссиқдан мудраган ва ҳорғин ориқ отининг ялқов қадамига бардош қилиб шаҳардан қайтаётган четан аравали деҳқон икки оёғи билан эшакнинг қорнига ниқтаб, муттасил «хих-хих» билан ҳалқумини қирган бир мўйсафид узумчи, қатиғини пуллаб, хурмачаларини орқалаган, иссиққа қарамай, гоҳ аравага осилган, гоҳ қуш уясини қидириб дарахтларга кўз тиккан уст-боши кир-чир шўх болалар... Иссиқ тобора ортар, «ғир» этган шамол йўқ, от-арава кўтарган чанг ҳавода узоқ вақт қимирламай туриб қолар, юзларга қизган темир учқуни каби ёпишар, нафасни бўғар эди.
Қаҳратон қишда яланг оёқ муз босиб, саратонда қизгин қум кечиб иссиқда, совуқда обдан пишган бизнинг йигитни ҳам (катта масофани пиёда босгани учунми) кун хийла бетоқат қилган эди. У куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқда салмоқли оёқларини илдам ва йирик-йирик босар, кўзлаган жойига тезроқ етишга ошиқиб ўткинчилардан сўрар эди:
— «Тўпқайрағоч»га яқин қолдими?
— Ҳали бор. Кўприкдан кейинги гузар.
Унинг очиқ ёқали узун кўйлаги, устидаги олача яктаги сувга пишгандай жиққа ҳўл бўлган; баъзан ғаши келиб, баданига ёпишган кўйлакни кўчирар ва елпинар эди.
Кўприкдан ўтиш биланоқ гузар бошланди: кўчанинг икки томонида бир-бирига қарши икки чойхона, бир қассоб дўкони, бунинг ёнига суқулган кичкина баққолчилик.
Кўча ифлос, лскин сув қалин сепилган; ҳар ёққа тарвақайлаб ўсган бесўнақай, қари толларнинг кўланкаси қуюқ.
Йигит сўл ёқдаги чойхонанинг каравотига ўтирди. Чанг ва тердан ҳосил бўлган кирни яктак этаги билан юзидан сидириб ташлади. Кичкина халтани ёнига қўйиб, чой сўради. Самоварчи чувак юзли, эти суягига ёпишган, жиккак ва шу билан баравар гирт кўса одам эди. У устанинг қўлига туша-туша хўп эзилган, қорни пачақ, чиркин катта самоварнинг олдида ёғоч елкасини қисиб ўтирар, келган-кетган одамлар билан унчалик иши йуқ; ис босган кир латта билан дам самоварни, дам ёнида қалашган пиёла-чойнакларни артар, ҳар куни минг марталаб қўлида тутадиган пиёлаларни олиб, гўё биринчи дафъа кўргандай, кўзини айлантирар, товушини баланд қўйиб, ўзича валдирар эди: «Одамларга ҳайронман-да! Агар сиғсам эди, самоварнинг оташдонига тушиб, кўмир ўрнига ёнар эдим. Жаббор кўсадан бир ҳовуч кул қолган булар эди. Шу ҳам тирикчиликми? Мана бу хумсанинг ҳам лаби учган! Мана буниси дарз кетибди... Ҳой, аравакаш бола, отингни торт, нақ тезагини дўппингга солиб бераман!»
Ниҳоят, шанғи самоварчи жўмраги учига жез қопланган чойнакни ва бир пиёлани йнгитнинг олдига дўқ этиб қўйиб кетди.
Чойхонада одам сийрак. Йигитлардан юқорироқда, ўрта ёшли икки деҳқон ўтирар, бу йил сабзи-пиёзнинг бозори касодлигидан ва уловсизликдан ҳасратлашар эди. Бири сўзлаб-сўзлаб, қамчи дастаси билан елкасини қашир, иккинчиси эса қўнжи бир қарич, чурук чориғини кўрсатиб: «Бу қачон янги бўлади? Сен от-уловдан гапирасан! Деҳқончиликда баракат қолмади. Деҳқоннинг сира маэаеи йўқ»-, дейди. Униси: «Ҳа, ишқилиб, бош омон бўлсин, биродар», деган сўзни такрорлар эди. Чойхонанинг бурчагида, куннинг даҳшатли ёнувига қарамай, қалин, қора жун чакмон ўралган бир қозоқ деворга суялиб мудрар, минут сайин кўзини очиб лоқайдлик билан самоварчига буюрар эди: «Шилимни узат!» Самоварчи нуқул кул билан тўлган сархонага чўғ қўяр, буришиб-туришиб, чилимни олиб борар ва ўдағайлар зди: «Торт, торт, сира ҳақинг кетмасин!» У чилимни бутун кучи билан, кашандалардай тортиб, оғзига қитдай тутун илашмаганидан тескари бурилиб микгар-дарди: «Сартнинг қудой урғани сен экансен, ўнгмағур...»
йиғит ғоят чанқаган эди, чойни қуйиб, пуфлаб-пуфлаб ичди. Белбоғига тугилган қирқ тийин чақадан тегишлисини айириб олиб, пиёла ичига ташлади-да, ўрнидан турди. Лекин бир муддат тараддудда қолди: қай томонга қадам босишини билмас эди. Самоварчининг «ит феъл» эканини пайқаган бўлса ҳам, ноилож унинг олдига борди.
— Мирзакаримбойнинг боғи қаерда, билмайсизми?— деди мулойимлик билан.
— Нима ишинг бор?
— Йўлиқмоқчи эдим-да.
— Ҳм... Мирзакаримбойни Тошкентнинг тўрт даҳаси билади. Ҳов анав кўчага бурил. Данғиллама дарвоза. Уша Искандар Зулқарнайн ҳам бунақа қўрғон солган эмас! — Самоварчи қўшалоқ бармоқли панжасини чўзиб бир кўчани кўрсатди. Кейин бу бегона йигитга бошдан-оёқ кўз югуртириб, ҳаваси келиб гапирди:
— Роса мучанг бор экан, иним. Баданингдан куч ёғидиб турибди-я. Қаерликсан, сайрамликми? Бой бобонинг омади...
Чойхонанинг ичкарисидан бир товуш янгради:
— Туф де, кўзинг тегади, касофат! Шу сўзингни менга айтсанг, тишингни суғуриб олардим.
— Кошкийди манда тиш бўлса, санда гавда бўлса, симён!
Йигит уларнинг сўзига болалардай жилмайиб, йўлга тушди.
Яшил бўёқ билан бўялган, уст томони ўймакор панжарали, катта ва оғир дарвозага етганда, йигитнинг юраги бир оз ўйнаб кетди. Дарвозанинг бир тавақаси очиқ. У узоқдан ичкарига қаради. Қаршисида дарахтлар остидаги катта супада, дастрўмолчаси билан елпиниб ўтирган, қордек оппоқ кўйлакли, оқ соқоли бир тутамгина чолга кўзи тушди. Юраги яна пўкиллади. «Тошкентнинг тўрт дахаси» танийдиган бу давлатманд кишининг олдига қандай киради? У содда, уятчан, камтарин йигит эди. Лекин бир лаҳзада аллақандай куч уни итаргандай бўлди. У дарвозадан кириб, супага ўн-ўн беш қадам қолганда, қўл қовуштириб, таъзим билан: «Ассалому алайкум» деди. Фақат, салавот босганидан, унинг овози истагига қарши баланд жарангламади. Аллақандай бўлиниб, сиқилиб чиқди. Чол ўтирган жойидан қимир этмади, бир қўлини қош устига қўйиб, кексаларга хос боқиш билан бир зум тикилди:
— Кел, чироғим, нима хизмат?
Йигит супа олдида тўхтаб, халтасини қўйди, узун, бақувват қўлларини чолга чўзди. Супанинг четига омонатгина ўтириб, бошини қуйи солди: «Қаерга келдим? Мирзакаримбой шу кишимикан? Балки бу бошқа бировдир деб ўйлади.
Чол бу бегона йигитнинг вазиятида тараддудланиш сезиб, қайтадан сўради:
— Хўш, ўғлим, нима арзинг бор? Айт...
йигит бошини кўтарди ва унга тикилиб қараб, жилмайди.
— Мирзакаримбой сиз бўласизми?
Чол боши билан тасдиқлагач, йигит давом этди:
— Мен Хўжакент қишлоғидан келдим, жиянингизнинг ўғли бўламан.
— Э, Хўжакентдан?
— Хушрўйбибининг ўғлиман.
— Э,— Мирзакаримбой бутун гавдаси билан бир қўзғалиб қўйди,— жияним Хушрўйбибининг ўғлиман дегин, баракалла. Раҳмат, жиян, йўқлаб келибсан. Қалай, онанг бақувватми? Ҳар ерда бўлса, омон бўлсин. Отинг нима, жиян?
— Отим Йўлчи. Аям, шукур, соғ-саломат. Сизга салом деб қолди.
— Даданг... Э, Шерали қалай, бардамми?
— Дадам ўлган, икки йилдан ошди чамаси. Мирзакаримбой қўллари билан соқолини енгилгина сийпаб, марҳумга фотиҳа ўқиган бўлди.
— Боёқиш кўп яхши одам эди; инсофли, ҳамиятли эди. Бир вақтлар ўртада борди-келди бўлиб турар эди. Даданг бу ерда ҳам, шаҳар ҳовлимизда ҳам бўлган. Сен ҳеч келганмидинг?
— Ёш палламда дадам, аям билан бирга шаҳардаги ҳовлингизга келганим ғира-шира ёдимда бор...
Чол ўтмишни эслади. Йўлчи ўз онасидан юз марталаб эшитган гапларни ҳикоя қила бошлади, яьни опасидан икки ёш қиз етим қолгани, улардан Хушрўйбиби ўз отаси тарбиясида қолиб, унинг синглиси Ойимбибини Мирзакаримбой ўзи тарбия қилиб, нақ эрга бериш олдида вафот этгани, Хушрўйбибининг толеи пастлик қилиб, ота ўлгандан сўнг амакилари қишлоққа, Шералига эрга берганликлари ва ҳоказони сўзлади. Сўнг чол сукутга ботди, кичкина, лекин ҳали тетик кўзларини мудроқ босган одам каби, секингина юмди. У ҳозиргина ёдига олган қишлоқи Хушрўйбибини ҳам, унинг камтарин, меҳнаткаш марҳум эрини ҳам, кутилмаган вақтда йўқлаб келган бу арслондай қишлоқи жиянчани ҳам унутган, унинг фикрини ёлғиз ўз ишлари ишғол этган эди. У банкалар орқали ўз рақибларига қарши олиб бормоқчи бўлган сирли ишларни, ўз қарздорларига нисбатан қандай муомала ва муносабатда бўлишни ўйлар эди. У қарздорларни уч гуруҳга бўлди. Биринчи гуруҳдагилар билан савдо муомаласини аввалгича давом эттираверади. Чунки буларнинг «қўли узун», қўр-қути кўп. Улардан бир кун озни кўп қилиб олади. Иккинчи гуруҳдагиларга бирмунча дўқ қилади, шу билан складларда чўкиб қолган газламаларни яхши баҳо билан уларга ўтказиб юборади. Учинчиларнинг эса думларидан маҳкам ушлаб олиб, маймундай ўйнатади... Сўнг катта ўғли Ҳакимбойваччанинг пахта савдоси юзасидан ўрис фирмалари билан яқинда тузган шартномаси устида ўйлаб, бу ишнинг қалтис томони сира йўқлигига ва тажрибакор ақлнинг кўрсатишига мувофиқ, бу ишдан фойда дарёдай тошиб келишига яна чуқурроқ ишонгач, завқланиб кетди-да, кўзларини яна маҳкамроқ юмди.
Сўзамол, бадавлат қари тоғанинг бирдан кўз юмиб сукутга ботишининг сабабини, табиий, Йўлчи тушунмади. Келганим унга ёқмади шекилли, деган андишага ҳам борди. Лекин у энди бошини кўтариб, чолга ва атрофга дадилроқ қарай бошлади. Мирзакаримбойнинг гавдаси кичик, қўллари ингичка бўлса ҳам, зуваласи пишиқ кўринади. У гўштдор ҳам эмас, ориқ ҳам эмас, кичик, айёр юзи хўрознинг тожисидай қип-қизил; оппоқ соқоли ва мийиқлари тоза ва таралган...»
Бир танобдан мўлроқ чор бурчак ташқарининг ҳар томони диққатни жалб қиларли эди. Ўртада супа ва ҳовуз. Танаси иккита катта қулочга сиғмайдиган бир туп сада теваракка тангадай офтоб туширмайди. Ҳовузнинг нариги четида бир-бирига яқин ўтқазилган, шохлари бир-бирининг ичига кирган уч туп олма дарахти. Бир тупида олмалар энди сарғайиб йилтирамоқда, бир тупида муштдай йирик олмалар ҳали кўм-кўк, уларга боқиш билан кишининг тиши қамашиб, оғзи сўлакка тўлади; бир туп жайдари қизил олма, мевасининг мўллигидан ҳовузга энгашиб тушган; ҳовуз сувида бир қанча қизил олма ёқутдай товланиб, жимиллаб сузади. Ҳовуздан йигирма қадамлар нарида тўрт томони очиқ, устунлари чиройли нақшланган, ердан одам бўйи баланд кўтарилиб солинган каттагина шийпон; бунинг атрофи гулзор. Қуёшда майин товланиб, хилма-хил ранглар билан мавжланган майда гуллар орасида кўркам юксалган қизил духоба гуллар олов парчаси каби ёнади.
Йўлчи кўзлари билан атрофни сайр этаркаи, рўбарўдаги қўрғон — ичкари ҳовли эшигидан ёш-ёш ўғил ва қиз болалар чувиллашиб чиқишди. Буларнинг кийимлари тоза ва янги эди.
Мош ранг духоба дўппили, тўққиз-ўн яшар, чиройликкина бола — болаларнинг энг каттаси эди. У ичига катта оқ каламуш қамалган қопқонни ерга қўйди, эшикчасини очди. Семиз каламуш ерга тушиб, лапанглаб дарвоза томонга қочди. Болалар қийқириб, уни қувлаша кетди: «Устига лампа мой сепиб ёндирамиз!» Набираларининг ҳаддан ошган суюнчли ҳангамаси чолнинг кўзларини очди... У қўли билан гўдакларга дўқ қилди: «Гугурт ўйнаманглар, ҳой!» деб қичқириб ҳам қўйди. Сўнг, қаршисида ўтирган жиянини унутаёзганидан огоҳ бўлиб, юпатиш учун:
— Оббо жиян-э, бизникини топиб келдингми-я? Ҳа, сўраб-сўраб Маккани топадилар... Ҳай, Ойниса, бувингни чақир!—Болаларга аралашмай бир чекада турган рангпар, безгакнамо қизга буюрди бой.
Қўрғон эшигидан аёл овози эшитилди:
— Нима керак?
— Мунда кел — чол қўли билан имлади.
— Киши бор-ку.
— Қариндош... Хушрўйнинг ўғли,— деб тушунтирди
— Қайси Хушрўй? Эсим ҳам қурсин, ҳа, қишлоқданми?— ўрта бўйли, тўла, лекин кенг юзининг гўштлари сарғайиб, салқиб тушган эллик саккиз ёшларда бўлган касалнамо хотин аста-аста юриб келаверди. У супага яқинлашгач, Йўлчи ўрнидан туриб салом берди ва онасининг саломини топширди. Аммо кеккайган хотин унинг сўзини тингламади, эрига қараб сўзлади:
— Қишлоқдаги жиянингизнинг ўғлими? Тоғдек йигит бўлибди. Ёшлигида ҳам бўлали бола эди... кўзимга таниш кўриниб турибди.
Мирзакаримбой хотинига дастурхон олиб чиқишни буюргач, у кетиш олдидагина, кўринишда самимий, лекин аслида сохта ва масхарали товуш билан Йўлчининг онасини ва укаларини сўради.
Бой энди иссиқдан шикоятланиб, уҳ-уҳлаб ўтирди. Унинг кампири патнис ва бир чойнак чой олиб чиқди. Патнисда тўртта кулча, икки бош қизил чиллаки ва бир бош қуш чўқиган қандайдир оқ узум бор эди. Йўлчи қишлоқдан келтирган халтани кампирга узатди.
— Аям бериб юборди, қурт...
— Садағаси кетай,— қампир халтани ушлагиси ҳам келмай, қўл учи билан тутиб гапирди,— койиб нима қилар эди бечора.
Набиралар халтадаги қурт эканини эшитиб, кампирнинг оёғи остида ўрмалашди ва: «Манга битта, буви», «Манга анча беринг, буви» деб қий-чув кўтаришди. Кампир хўмрайиб, набираларни жеркиб ташлади. Болалар ёпишавергач, халтани очишга мажбур бўлди-да, лабини буриб вайсай бошлади:
— Хаҳ, шумтакалар, оғизларингда эриб кетадиган сузма қуртни берсам олмайсизлар, шу тош қуртни талашасизлар. Мана, кўрдингларми, қаттиқ — тишларингни ушатади. Бай-бай, бу болаларнинг дастидан ўлиб бўлдим, ахир бу тош қурт, жиғилдонларингни тешиб юборади-ку.— Меҳмоннинг қизарганини пайқаган кекса бой, ўз хотининииг катта оғиз ва бетамизлигига аччиқланиб, юзини тескари бурди, лекин хотини яна валдирамасин учун, юмшоқ гапирди:
— Ҳай, ичкари кир, чағир-чуғурдан қулоғим битди. Йўлчи қурт олиб келганига пушаймон қилди. Онаси қўшнилардан қурт йиғиб, бой тоға учун совғача тайёрлаб, суюна-суюна унинг қўлига тутқазгач, яхши-ёмонлигини суруштирмай, у ҳам олиб жўнаган эди.
Бой тоға нопни ушатиб, патнисни Йўлчининг олдига суриб қўйди.
— Ол, жиян, йўл юриб келгансан. Бир парча ерларинг борлигини эшитар эдим, қўлларингдами?
— Йўқ,— патнисдан бир бурда нон олиб жавоб берди Йўлчи,— ер сотилиб кетган.
Мирзакаримбой ерга ўч одам эди. Ерли-сувли одамлар, қандай бўлмасин бир сабабдан қийналиб қолсалар, дарров уларнинг пинжига тиқилар, ё ўртага киши қўйиб, ерни тезроқ ўз қўлига ўтказишга тиришар эди. Ҳатто, ер сотишни хаёлга келтирмаган одамларнинг ерларини,— агар уларнинг ерлари ўз ерларига чегарадош бўлса,—ўзиникига қўшиш учун ҳеч нимадан тоймас, ҳар қандай номус ва адолатнинг бетига тупирар эди. Аммо, Йўлчининг сотилиб кетган ери унга ҳеч алоқасиз бўлгани учун, ернинг қадр-қиймати ва бу хусусдаги маҳкам қаноатларини тушунтира бошлади:
— Чакки бўлибди, жиян. Ер сотган эр бўлмайди, эр ер сотмайди. Мана бу гапнинг мағзини чақ... Ер сотганларнинг кўпини кўрдик, ахири гадой бўлади, Тўғри, ерни пулга сотадилар, нақд пулни жарақ-жарақ санаб оладилар. Пул ҳамма нарсанинг отаси. Пул белга қувват, бошга тож. Пулдор одам қанотли одам, бу қанот билан мағрибдан машриққача учасан, ҳар ерда ошна-оғайни, дўст-ёр топасан... Пулдор одам Маскавгача, Варшавгача боради. Пулсиз одам ўз жойидан бир қадам силжисин-чи! Бе!.. Пул шундай азиз нарса, жиян. Лекин пулни жуда мақтаб юбордим, шошма, ерда ҳам хосият кўп. Ер туғади. Ерга чўпни тиқиб қўйсанг, кўкариб, қулочга сиғмас дарахт пайдо бўлади. Пул-чи? Пул ҳам туғади. Жуда кўп туғади, тез туғади. Айниқса, бу замонда пул сертухум бўлиб кетган. Аммо, пулни тутиш қийин, еб, ичиб қўйиш жуда осон. Пул асов қушга ўхшайди, сал бўш туттингми, қўлингдан учади-кетади. Ер ҳам туғади ҳам пулга кишан солади. Ер олган кўкаради, ер сотган қурийди Мана бу гапнинг мағзини чақ, жиян!
— Ночорлик, тоға,— Йўлчи пиёладаги совиган чойни икки қултумда бўшатиб, гапирди,— дадам бир йил тўшакда ётиб қолди. Экинимиз яхши бўлмади. Қўл калта бўлгандан кейин, қаёққа узатасиз?
Йўлчи ҳали гапини битирмаган эди, Мирзакаримбой уни кесди:
— Бир терининг ичида қўй неча озиб, неча марта семиради,— деди салмоқланиб бой,— кишининг бошига ёмон кунлар ҳам келади, кўниш керак бунга. Бундан ўттиз беш йил илгаримикан, растада дўконни очган йилим эди-да, бошимга бир мушкул иш тушди: баъзи вақтда савдогарлар ҳам сиқилиб қолади, сен бунга тушунмайсан. Менга пул керак, қаердан оламан! «Ракат» мавзуида отадан қолган уч таноб жой бор эди, коранда ишлатар эди. Баъзи оғайниларим, шуни сот, дейишди. Вақти келганда, жиян, дўстлар қўлтиғингга кириб, балчиқдан тортмайди. Мен дўстларга сира ишонмайман. Маслаҳатга ҳаммаси чаққон. Нега десанг, маслаҳатгўйлик осон нарса-да; тили қимирлайди, холос. Мен уларга қулоқ солмадим. Бошни у ёққа урдим, бу ёққа урдим, ахир бир эвини топдим, жиян. Сандиқдан хотинимнинг кийим-кечагини чиқардим, уйни безашдан бошка нарсага ярамайдиган асбобларни йиғиштирдим, барини сотиб пул қилдим. Биласан, хотин аҳли молга ўч бўлади, алалхусус, сандиқдаги молни ер-кўкка ишонмайди. У йиғлади-сиқтади. «Сандиқда чириб ётган молдан ердаги ахлат аъло, аблаҳ», дедим унга. Хотин эрнинг қули; хотиннинг кўнглига, раъйига қараш иш қилган эркак одам эмас, жиян. Ишим тўғриланиб кетди, ерим ўзимда қолди.
— Тоға, бошқа иложимиз йўқ эди. Мана сизда нарса бор экан, сотибсиз, бизда бир парча ердан бошқа, кўзга илинарли ҳеч нарса йўқ эди. Мен қараб турмадим, пода боқдим, ўроқчилик қилдим, отбоқар бўлдим. Аям бошоқ терди. Қишлоқда тирикчилик қилиш жуда қийин. Очлик-яланғочликка кўникиб, тирикчилигимизни қилар эдик, лекин бир нарсага бошимиз гаранг бўлиб қолди: дадамнинг гарданида қарзи бор экан. Озгина. Ўттиз сўмга ҳам етмайди. Дадам, касали оғирлашгандан кейин, ташвишга туша бошлади. «Кўзим очиқ экан, қарздан қутулиб олай, гўримда тинч ётай, Йўлчи рўзғорга қарайдими, қарзимни узадими», деди аямга. Хуллас, ер жуда арзонга кетди. Кишининг ҳақидан қутулганига биз ҳам суюниб қолавердик.
— Ҳа, бундай дегин,— Мирзакаримбой оёқларини гиламга узатиб, силаб, гапни давом эттирди:— Бу энди бошқа гап. Қарз ёмон нарса, жиян. Қарздан қутулиш учун ер тугул, киши ўзини қул қилиб сотиши керак. Одамнинг ҳайвони киши ҳақидан қўрқмайди, киши молига кўз олайтиради. Шундай одамлар борки, ўзларида ҳеч нима йўқ, бошқанинг мулкига ҳасад қилади, кўролмайди. Фақирликка бўйсунмайди, яхши еб, яхши кийишни орзу қилади. Жиян, ақлинг бўлса, кишининг бир тийинига хиёнат қилма. Тийин ҳам пул, юз минг сўм ҳам пул. Сен ҳар нарсани Оллодан кўр. У берс — хўп; бермаса — хафа бўлма, тақдирга шукур қил, номусли камбағал бўл. У дунёда фойдасини биласан. Қани, нон ол, узумга қара.
Йўлчининг қорни жуда оч эди. У тунги салқиндан фондаланиб, тўхтовсиз юриш билан қиём вақтида шаҳарга келгач, анҳор лабида ўтириб қишлоқда белига тугиб олган битта нондан бошқа ҳеч нима емаган эди. Лекин Мирзакаримбой, савдогар назокатиданми, ёки одатланганиданми, нонни жуда майда ушатган эди. Йўлчи бир бурдасини оғзига тиқса, лунжининг бир чеккасида йўқолиб, кетар, патнисга кетма-кет қўл чўзаверишга ийманар эди. Содда қишлоқ йигити такаллуфни билмаса ҳам, одоб-таъзим хусусида онаси анча-мунча гапларни уқтириб юборгани учун, давлатманд қариндош ҳузурида овқатдан тортинишни маъкул кўрди, дастурхонни тезгина йиғиштириб, чой ича бошлади.
Мирзакаримбой қишлоқи жияни билан сўзлашишдан тўхтаган бўлса ҳам, фикри йигитни ўрганиш, унинг келишининг чин сабабларини мулоҳаза қилиш билан машғул эди. У ўз ичида шундай ўйлади: «Қариндошларнинг аҳволи пачава, тирикчилиги бемаза. Ерсиз, от-уловсиз қишлоқининг кун кечириши — ўлим азоби. Онасининг узоқлашиб кетган тоғасини йигит бекорга йўқлаб келадими? Йўқ, мандан кийим-кечак, пул-мул олиш умидида келган. Буни онаси юборган, албатта. Хотинларнинг хулқи, одати маълум. Тўртта қўшни хотин орасига кирса, бой тоғам бор, эшигини ел очиб, ел ёпади, деб мақтанса керак. Яхшиям ўзи келмабди... Бўлмаса ҳалигича неча марта кўз ёшини тўкиб, тирикчилигидан зорланган бўларди. Бу йигит ақлли кўринади, ҳам улуғвор, вазмин йигит...»
Мирзакаримбой илоннинг ёғини ялаган одам эди: ҳамма бойлар каби, айёр, муғамбир, пухта-пишиқ; у юраксиз эмас, балки ҳар ишда эҳтиёткорликни маъқул кўрар эди. Мана шулар орқасида у, камтарин маҳалла баққолининг ўғли Карим читтак — кичкина, лекин ҳаракатлари чаққон ва илдам бўлганидан, ёшликда шундай лақаби бор эди,— ҳозир кимсан Мирзакаримбой!.. У Тошкентнинг энг олдинги бойларидан. Тошкентнинг эски  ва янги шаҳарларида тўплаб сотувчи икки газлама дўкони, Туркистон ўлкасининг турли шаҳарларида катта-кичик айрим дўконлар, Тошкент теварагидаги турли мавзуларда ер-сув ва ҳоказо унга қарайди. Бундан ташқари, унинг катта ўғли Ҳакимбойвачча йирик пахта савдоси билан машғул...
Бой ўз умрида кўпни кўрган, кўпни таниган, турли шаҳар ва турли одамлар билан муомала қилган, унинг қўлидан жуда кўп хизматкор, қарол, чоракор ва ҳоказо ўтган. Шунинг учун одамни тез англаб олар эди. Ўзининг бу хислатига чуқур ишонар, бу билан бошқаларга мақтанмаса ҳам (мақтанчоқликни ёмон кўрар эди у), баъзи вақт ичидан фахрланарди. Мана ҳозир унинг қаршисида муштипар жиянининг ўғли. У билан турли нарсалар ҳақида узоқ суҳбатлашди, лекин йигирма уч ёшли йигитнинг ақлида сира нуқсон кўрмади. Унинг арслондай кўркам гавдаси, кенг пешанаси, чуқур самимият ифодаси билан тўла йирик, ҳушёр кўзлари, кир яктаги ичидан қавариб турган кенг кўкраги, бақувват қўллари, сўзларидаги қишлоқча соддалик ва тўғрилик (бу хусусиятни камбағал одамларда катта фазилат деб топар эди бой) унга жуда ёқди. «Обдан чиниққан йигит, унга берилган овқат беҳуда кетмайди», деб ўйлади у. Лекин шу билан баравар, Мирзакаримбой Йўлчининг бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур. сезди. Бу сифат унга жилла маъқул тушмади. Кейин, унинг эҳтиёткорлиги «синамаган отнинг сиртидан ўтма» деган халқ мақолини эслатди, агар Йўлчи уникида ишлашни орзу қилса, бир қанча вақт синамоқчи бўлди: «Оқибат яхши бўлса, қўлимдан сира чиқармайман. Ялқов ва ғирром, ё қўли эгри бўлса, силлиқлик билан ҳайдайман», деб ўйлади.
— Жиян,— оҳиста мурожаат қилди Мирзакаримбой,— ўйлаб қарасам, аҳволларинг чатоққа ўхшайди. Нима қиласан, яна қишлоққа қайтасанми?
Бойнинг саволига Йўлчи қандай жавоб беришни билмай қолди. Қишлоқдан чиқаркан, бой тоғасидан, албатта, хизмат сўрашни онаси уқтирган эди. Энди у «қайтаман» деса, эрта-индин қншлоққа жўнаши керак, у вақт онаси хафа бўлади: «Шундай катта даргоҳдан ўрин тополмай қўлингни бурнингга тиқиб қайтдингми, ношуд!» дейди. «Қоламан, бирон хизмат топиб беринг», дейишга ғурури йўл қўймади, Чол такрор сўрагач, у жавоб берди:
— Тошкентда иш топсам, балки қоларман. Мирзакаримбой соқолининг учини бармоқлари билан чимдиб, кулиб қўнди:
— Шаҳарда қаёқдан иш топасан? Бизда юра тур. Нон-насибанг бизда бўлса қоларсан, бўлмаса, қишлоғинггами ё бошқа томонгами жўнарсан. Ризқингнн Олло таоло қаерга сочган, биз биламизми?
— Хўп. Ихтиёр сизда,— бошини қимирлатиб деди Йўлчи.
Мирзакаримбой астагина ўрнидан турди. «Ёрасулулло» деб минғирлади, супадан тушиб, кечагина сотиб олингандай, ярқираган чиройли, ихчам «содиқи» кавушни оёқларига илди, кавушни ғижирлатиб, қари бўлса ҳам хўроздай кеккайиб, қўрғон томонга юрди. Нақ шу паллада дарвозадан катта қора сигир шаталоқ отиб, орқасида бир кишини уриб кирди. Бой чўчиб, ўзини четга олди. Ҳалиги киши орқага ташланиб ориқ-чандир бўйнидаги томирлари ўқловдай қабариб, сигирни базўр тўхтатди: «Ҳеч кучга бўйин бермайди бу занталоқ...»,— бойга қараб деди у. Кейин бирдан Йўлчини кўриб қолиб, кўзларида «у ким?» деган савол жавдирар экан, бой кулиб унга гапирди: «Ёрмат, бу бола жияним бўлади. Таниш, иш ўргат!» У индамади, сигирни узоқда, девор тагидаги бир дарахтга боғлаб қайтгандан сўнг, Йўлчи билан кўришар экан, қўрғон ичига кириб кетган бой бир зумда яна эшикда кўринди:
— Ёрмат, шаҳарга отни тезроқ олиб туш, Ҳакимжон кутиб қолмасин, бугун меҳмонлар бор-а...
— Беда ўриб қўйиш керак эди-ку,— бошини қашиди Ёрмат.
— А, кун ҳам кечикиб қолибди.
— Мен ўраман бедани, бедаларинг қаерда?—Ёрматта қараб деди Йўлчи.
Мирзакаримбой жиянининг ишга тайёрлигидан рози каби кулди-да, индамасдан ичкари кириб кетди.
— Меҳмонни ишга солар эканмиз-да,— деди Йўлчини бирга олиб жўнаркан Ёрмат,— ҳа, қари келса ошга, ёш келса ишга.
Ёрмат Йўлчи билан ёнма-ён юриб эски таниш каби ундан-бундан сўзлашиб борди. У қирқ беш ёшларда, новча, чайир одам, юзида сийрак чўтир изи қолган, соқол, мўйловларига анчагина оқ тушган эди. Қўш белбоғи чапаничасига паст боғланган, юриши ҳам олифталарга тақлидни кўрсатар, унинг бутун қомати, ҳамма ҳаракатлари ўзига зеб берган, мақтанчоқ камбағални тасвирлар эди.
Улар пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол этган бедазорга чиқишди.
— Мана бедам!— қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишорат қилиб деди Ёрмат.— Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.
— Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди,— Ёрматга қараб деди Йўлчи.
— Хах-хах-хах...— қаттиқ кулди Ёрмат ва ўроқни Йўлчига тутқизиб гапира бошлади:— Мирзакаримбой отамнинг остоналарида ўн олти йилдан буён ишлайман, йигитча. Шундай бўлгандан кейин «сизники, бизники» дейишга ўрин қоладими? Бу бедаларга озмунча терим тўкилганми, эҳ-ҳе! Кейин кўрсатаман, бойнинг кўп ерларини ман ёлғиз ўз кучим билан кўкартирганман. Қани, мана шу ёқдан ўраверинг. Бир аравани мўлжаллаб ўринг. Бу кун пайшанба, Ҳакимбойваччанинг меҳмонлари чиқади. Агар укалари Салимбойвачча ҳам улфатларини бошлаб чиқса, томошани унда кўрасиз: ҳамма ёқни от тутиб кетади.
Йўлчи ўроққа диққат билан тикилиб қаради ва энкайиб ўра бошлади. Ўзини чапдаст-эпчил ўроқчи ҳисоблаган Ёрмат Йўлчининг ишидан камчилик топиб, ўз маҳоратини унга кўрсатиш умидида, бир муддат кузатиб турди. Лекин унинг тажрибали кўзи Йўлчининг ишида ҳеч қандай камчилик кўра олмади, Баъзи жиҳатдан, масалан, илдамликда бу йигитни ўзидан устун кўрди. Бошқаларнинг ишини камситишни яхши кўрган бу «ўзбиларман» одам бу гал жиндан ён беришга мажбур бўлди.
— Дуруст, сартарош соч олгандай қиртишлаб ўрар экансиз. Мен кетдим.
Беда ораси жуда иссиқ, гўё қуёшнинг бутун олови беда ичига яширингандай қизғин, бўғувчи ҳаво юзга уради. Йўлчи мўл-мўл тер қуйиб, ҳеч қаёққа қарамай ишлайверди. Ўроқ ўткир эди. Ўралиб-чаплашиб ўсган қалин майсани «шар-шар» йиқиб борар экан, ўзи ҳам завқланди.
Ҳозир унинг кўнгли бир қадар кўтарилган: «Бой тоғам инсофли одам бўлса керак. Мана, ҳалиги одам шунча йил ишлабди. Хизматкор қул эмас, фойда кўрмаса турадими? Гапига қараганда, хурсандга ўхшайди. Қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта, чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам, мендан юлмаслар. Тоғам қанча насиҳат қилди, мен билан қанча гаплашди, Энди ишим ўнг бўлади, энди аям, укам, синглим зориқмайдилар. Лекин гап яхши ишлашда...» Шунинг сингари ўй-хаёлларга ботиб, мўлжаллаган миқдорини ўриб бўлди. Сўнг, уюм-уюм тўплаб, кенг қулочига сиққанча кўтариб, бойнинг ташқарисига ташимоққа бошлади.
Қуёш яширинган бўлса ҳам, кундузнинг ёруғлиги ҳали тамом сўнмаган эди. Аллақандай майин, мулойим жимжитликни атрофда сигир, бузоқларнинг маъраши, дарахтлар орасидан қушларнииг ора-сира янграб, яна бир зумда тинган сайраши сескантиради. Ҳамма нарса ҳорғин, мудрашга бошлаган каби... Аллақандай поёнсиз ғариб оқшом.
Бойнинг ташқарисида Йўлчидан бошқа ҳеч ким йўқ. Бу ерда ҳозиргина бемалол ўйнаб юрган икки бола, Йўлчини кўриш билан, ундан ҳурккан каби, ичкари ҳовлига қочишди. Қишлоқи йигит супа лабида бошини қуйи солиб ўтирар, камбағал қишлоқдаги чордевор уйини, меҳрибон онасини, севикли укаларини кўз олдига келтириб ўйлар экан, кўчада бирдан отларнинг дукурини эшитди, сакраб туриб, дарвозага югурди. Чиройли саман отнинг жиловини тугиб, эгасини қўлтиқлаб ерга туширди. У — оқ жужун камзул устидан беқасам тўн кийган, ўрта бўйли,малладор, қора бурама мўйловли, димоғдор, қарашлари ўткир ва, тез, ёши қирққа яқин бир одам эди: бу Мирзакаримбойнинг ўғли Ҳакимбойвачча. Отдан тушиб шошиб-пишиб гапирди:
— Ёрмат менга айтди сени, жиян. Яхши, отларга қара, қариндош!
Тўнининг этаклари билан этигини нари-бери уриб, ичкарига кирди.
Йўлчи гали билан меҳмонларнинг отларини дарахтларга ҳам деворга қоқилган махсус темир қозиқларга қантариб боғлади. Бир нечасини отхонага олиб кирди. Кейин алла-паллага қадар қўрғон, ичкари ҳовли эшиги билан шийпон орасида бўзчининг мокисидай қатнади, меҳмонлар учун дам ясоғлик патнислар, дам чой, дам нон оч қоринни кемирадиган лаган-лаган мантилар, дам косаларда шўрвалар ташиди Ёрмат шаҳардан пиёда қайтиб, ўлгудай ҳоригани учун, ҳамма отларга Йўлчи қаради. Бир меҳмонга қарашли извошчи Жўра ака билан бирга қоронғида ўтириб, меҳмонлардан қолган овқатдан едида, Ёрмат топиб берган бир эски кўрпачани қуруқ ерга ёйиб, бошини бир боғ ҳўл бедага қўйиб уйқуга кетди...

II

Ёз кечаси қисқа. Йўлчи бир чимдим ухлаб, бегона жойга ўрганмаганиданми, кўзини очаркан, тонг отган эди. Ҳаво салқин, тоза. Унда-мунда қушлар сайрайди. Йўлчи ўрнидан турди, ариқда юз-қўлини ювиб, ташқари саҳнида бир оз кезди Меҳмонлар шийпонда шоҳи, атлас, адрас кўрпаларда, бошларини оппоқ ва юмшоқ ёстиқларга кўмиб ухлайдилар, баъзиси пишиллайди, яна бирови хириллайди, кими секингина бурни билан ҳуштак чалади. Баъзилари хуррак тортади. Улар бир-бирлари билан ўчакишгандай, хурракни даража-бадаража оширишга тиришади: бирисиники авжга минганда, иккинчиси бошлайди.
Майин тонг шабадаси ранг-баранг гулларни секин тебратиб, атирларини ҳар ёққа сепади. Йўлчи бу гўзал гулзордан узоқлашгиси келмаса ҳам, лекин хурракни эшитмаслик учун, бу ердан кетди. Мана янги ва кўркам извошчикнинг ўрнидиғида икки букчайиб, узун қамчини қўлтиғига қис-ирган ҳолда язвошчи Жўрабой данг қотиб ётади.
Йўлчи отхонага кирди. Хашагини тугатган отлар олдинги оёқларини ерга уриб, тама билан кишнади. Йўлчи уларга беда ташлади. Кейин курак ва супурги олиб отхонани тозалай бошлади.
У болаликданоқ отларни севар, яхши отларни боқиб, томоша қилишдан ҳар вақт завқланар эди. Бу ердаги отлар турли тусда ва турли бичимда бўлиб, зотли, нодир отлар эди. Халқ бундай отларни «булутга сакрайдиган от» дейди. Камбағал йигит энди ёруғда ҳамма отларни айрим-айрим кўздан кечирди. Айниқса, оёқларига, бўйинларига, бошларига диққат қилди. Тоза супурги билан уларни бошдан-оёқ супурди, қўллари билан сийпалади, бармоқлари билан ёлларини таради. Артган, тозалаган сари семиз отларнинг бадандари ярқирайди, кўзга яна ҳам товланиб, чиройли кўринди.
Мана. Жўрабой ҳам туриб келди. У ўзининг махсус жойга боғланган отига яқинлашиб: «Ҳа, жонидан, яхшимисан? Кўнглинг нимани тусайди? Айланай, қора боладан!» каби сўзлар билан отни эркалай бошлади.
— Уйқуга қониқдингизми, Жўра ака!— деди Йўлчи.
— Кучер аҳли, ҳам ҳар хил хизматкор аҳли тирикликда уйқуга қонадими, ука?! Ўлганда — бошқа гап,— деб жавоб берди Жўра ва олдинги тишлари тушган оғзини катта очиб эснади.
— Сўзингиз тўғри!
— Сен ҳам от қулига ўхшайсан-а?
— Бўлмасам-чи,— деди кулиб Йўлчи,— от энг яхши ҳайвон, жуда суяман.
— Суйганга яраша, ўзингники бўлса!— деди хўрсиниб Жўра.
— Ҳа...— деб жавоб берди Йўлчи.— Лекин яхши ният — ёрти мол. Бир кун ўз отимни минарман. Учқур бўлмас, улоқчи, пойгачи бўлмас, ёмонроқ бўлар...
Жўра қўлларини ёйиб, елкасини ожизона қисиб умидсиз эканини ифода қилди. Отнинг яғринига ёпишган битта «итпашшани» тутиб, сўка-сўка этик пошнаси билан эзди. Бўғиқ, хаста овоз билан секингина куйлади:

Люблю, люблю Мамажон, люблю, Мамажон,
Стаканда чой ичган люблю Мамажон.

Кейин енгини шимариб, от билан чинакам машғул бўлди.
Йўлчи Жўранинг отини ва унга қандай парвариш қилишини томоша қиларкан, Жўра бошқа отларга бир зум кўз ташлаб, деди: «Хўжайинингнинг самани яхши, агар от танисанг, рисоладаги саман — шу. Ўзиям қиздек нарса-да».
— Сизники-чи?— деди Йўлчи кулиб.
Жўра оти ҳақида гап сотишни яхши кўрар эди, дарров тили қичиди:
— Бу туғрида ҳар қандай сўз ортиқча,— фахрланиб гапира бошлади Жўра,— бу биттаю-битта. Тенги-шериги йўқ. Буни чопганда кўр. Ёш-қари, жамики халойиқнинг кўзи бунда! Узоқдан қарайди, қораси ўчгунча тикилиб қолади. Одамзоднинг кўзи ёмон бўлар экан, ука. Бир кун Эски Жўвада хўжайинни кутиб тўхтагандим. Бозор куни, одам қалин. Ҳамма кўзини лўқ қилиб отга қарайди. Так, так. Пашша талаяптими, ҳозир ҳаммасини жаҳаннамга юборамиз қорачам!—пашшаларни эзиб давом этди Жўра.— Ҳалиги ерда бир мўйсафид келиб, ҳассасига суялиб, тикилди-қолди. Ўзи илгари асли қаллоб экан. «Маллахондан бери яшайман, болам, не-не хонларнинг, не-не бекларнинг отларини кўрганман, не-не отлар ўз қўлимдан ҳам ўтган. Аммо, бу отжон экан. Қайси бойники, баҳоси қанча?»—деди. «Отни единг» дедим ичимда. «Бошқаси бўлса, қамчи билан солар эдим, лекин соқолинг оқини ҳурмат қилдим», дедим...— Эртасига от оғриб қолса бўладими! Капалагим учиб кетди. Яхшики мендан бўлак ҳеч ким пайқамади. Хўжайиним отни тариқча ҳам тушунмайди. Киши молини сақлаш бениҳоят қийин, ука. Ўлиб-нетиб қолса балога мен қоламан. Хўжайин бақироқ одам. Ювош киши ҳам хўжайин бўлгандан кейин, ўзини билмай кетади, кўрганмиз. Хусусан хизматкорга ўдағайлашни яхши кўришади. Нима қилиш керак? Бошим қотди. Лип этиб, бир азайимхон домланикига бордим. Нафаси ўткир деб эшитар эдим.— Пуп, пуп, пуп... чангга ботибсан, жонивор. Ҳозир ҳаммомдан чиққан қиздай ялтиратиб қўяман...— ҳа, домлага нима дедим? Уйимизда бир бечора бемор бор, шайтонлаб ётибди. Тақсир, бориб дам солиб келинг, шояд нафасингиздан шифо топса... Хўп, деб ёнимга тушди домлам. Отхонага бошлаб кирдим. Тақсир, мана бемор, дедим. Домла кулди. Ҳеч бокиси йўқ, кеча гавмуш сигирга ҳам дам солган эдим, деди. Кейин дуо ўқиб, отга дам урди, суфлади. Исириқ тутат, деди. Домлага ўз ёнимдан бир сўлковой қистирдим, кетди. Аммо кўзимга уйқу келмади. Қоқ ярим кечада энам олдига бордим. Биргина кампир энам бор, ука. Ёшим қирққа кирди. На хотин, на бола-чақа. Дунёдан тоқ ўтдик ҳисоб. Энам кинна солишга, куф-суфга чаққон. Кампирни уйғотиб: «Тур, кароматингни кўрсат», дедим. Воқеани тушунтирдим. Кампир билан жўнадик. Қиш кечаси. Совуқ. Ер ойнадай. Боёқиш энам сирпаниб, неча ерда йиқилди; ҳарсиллаб, нафаси бўғилиб, ахир етиб борди. Тонг отгунча энам бечора отга кинна солди. Гап шундай, ука. Извошда «катайса» қилиш иуқул роҳат. Лекин, нафсиламрда бизга ўхшаш отбоқарга, ҳайдовчига қийин, жуда қийин. Чу, нари тур, арзандам, тагингни тозалаб қўяй энди.
Қуёш анчагина кўтарилган эди. Меҳмонлар ўринларидан туриб, кийиниб, гулзор атрофида ўзаро гаплашиб, кулишиб бепарво юришар эди. Уларнинг гаплари, муомалалари, юриш-туришлари Йўлчига тамом бегона туюлди. Уларга яқинлашув эмас, ҳатто узоқдан қарашга ҳам ботинмади. Жўра ўз ишини битиргандан сўнг, меҳмонлар томонга бемалол юриб борди, ҳатто баъзилари билан икки-уч оғиз сўзлашиб, кўчага чиқиб кетди. Йўлчи меҳмонлардан узоқда қўрғон ичидан оқиб чиқаётган ариқ лабида, дарахтга суяниб чўққайди.
Қўрғон эшигидан Мирзакаримбой чиқди. Йўлчи ўрнидан туриб салом берди. Бой унга қарамасдан «ваалайкум» деб ўтиб кетди. Бир оздан кейин меҳмонлар олдидан қайтди-да:
— Бу ёққа юрчи, жиян,— деди.
Бой ариқдан тетик ҳатлаб, олдинда юрди. Унинг янги амиркон кавуши юмшоқ ғирчиллар, шоҳи яктаги қуёшда живир-живир товланиб, учқунланиб ялтирар эди. У боғнинг ташқарига қаратилган кичкина эшигига кирди. Йўлчининг кўзига «жаннатдай» катта боғ манзараси очилди, томоша қилиб, кекса тоғанинг орқасидан юраверди. Орасидан Қўқон арава бемалол юрадиган кенг, узун ишкомлар икки танобдан мўлроқ ерни ишғол этган. Кўм-кўк ток барглари эрталабки қуёшда жилваланади. Боғнинг тўрт томонини ўраган баланд, янги пахса девор бўйлаб шафтолилар ўсади. Кўпларига тирговичлар қўйилган бўлса ҳам, меванинг кўплигидан шохлари синиб, ерга тегиб етади. Боғнинг қуйисида катта олмазор... Йўлчига шуниси қизиқ туюлдики, бу ерда қай томондан қараманг, ҳамма дарахтлар бир чизиқ устида, текис саф тортиб туради, дарахтлар ўртасидаги масофа ҳам баравар. Дарахтлар тани пакана, меваси мўл ва йирик. Лекин ҳозир деярли ҳаммаси кўм-кўк. Бундан ташқари, боғнинг турли жойларида ҳар хил мевали дарахтлар — нок, ўрик, беҳи, жийда ва ҳоказо анчагина.
Мирзакаримбой боғни айланиб, бир ерда тўхтади ва кулиб:
— Ишга тобинг борми, жиян?— деди.
— Ишга чанқовмиз-да,— деб жавоб берди Йўлчи.
— Хўп, боғнинг шу икки томонидаги зовурни тозалайсан, ишкомни яхшилаб чопасан. Лекин буларни шунчалик айтиб қўйдим-да. Олдин қилинадиган бошқа иш бор. Юр, уни кўрсатаман.
Улар боғдан чиқиш олдида, бир йигитга дуч келди. Йўлчи уни тоғасининг кичик ўғли Салимбойвача эканини пайқади. У ингичка, рангпар, қисиқ кўзли, қуюқ пайваста қошли, пешанаси торроқ йигит эди. Ёши йигирма бешдан ошмаган бўлса ҳам, қаримсиқ кўринар эди. Унинг бошида яп-янги тагдўзи дўппи, устида чўнтаклари қоп-қоқли, қайтарма ёқали узуи оқ жужун камзул, оёқларида ихчам, янги этик. У тўхтаб гапирди:
— Дада, бу йигит жиянингизми? Қалайсан, эсон-омонмисан? Дуруст, дуруст...— кўзларидаги киноя, лабидаги сунъий илжайиш билан Йўлчига қўл учини берди ва бир зумда боғ ичида ғойиб бўлди.
Мирзакаримбой кечаги бедазорнинг этагида тўхтади.
— Кўрдингми бу тўнкаларни?—Йўлчига қараб гапирди у.— Бу ер чакалак эди. Ўтган йил ҳаммасини кесиб олдик. Энди сен ишга тушиб, кундаларни қўпор, ерни тозала!
— Олдин буни бажарайми?—тўнкаларни кўздан кечириб сўради Йўлчи.
— Бугундан бошлайвер. Бу зарур иш. Биринчидан, ер очилади. Озгина ер эмас бу. Тахминан чорак кам бир таноб. Ени-вери билан қўшилиб, бир танобдан мўл ер қўлга киради. Кейин яхшилаб чопасан. Ярмига сабзи, ярмига картошка экасан. Шу билан қишлигимиз бемалол чиқади. Яна бу жойда қанча ўтин ётибди? Тўнкаларни кавлаб, бир чекадан ёрилса, талай ўтин беради. Ўтинсиз қозон кайнамайди. чироғим. Ҳар нимани бозордан олаверса, Сулаймоннинг ғазнаси ҳам чидамайди, жиян. Рўзғорни билиш керак. Боплаб кундаков қил, илдизи қолмасин уқтингми?
Йўлчи бошини қимирлатиб тасдиқ қилди. Шу ерда нонушта қилгандан сўнг, бир кетмон ва бир болта келтириб ишга тушди. У ҳар хил оғир юмушларни қилиб ўрганиб кетган бўлса ҳам, тўнка кавламаган эди. Тўнкалар жуда кўп ҳам бир-бирига жуда яқин. Ер эса тош-метин. Қайрағоч, теракларнинг илдизи ер бағрига қаттиқ сингган. Йўлчи ишга разм солиб, қайдан бошлаш кераклигини ўйлади. У аввал катта кундаларнинг теварагини кетмон билан чопишга бошлади.
Кетмон ерга, нақ тошга урилгандай, тегади. Ер ушалиб, тош парчалари сингари атрофга сачрайди. У, бу ерга олдин сув қўйиб, ер юмшагандан сўнг кавлаш кераклигини англаса ҳам, вақтни йўқотмаслик ва тоғанинг амридан чиқмаслик учун метин жойни кавлайверди. Ер бора-бора кучга бўйсунади. Йўлчининг зарбаси остида тўнкалар яланғочлана, ўзининг қўпол, баҳайбат гавдасини кўрсата бошлайди. Бирини қўпоргандан кейин, ишнинг тилига тушунади. Томоғи қақраса, ариқдан сув ичиб келади, терлайди, сувга чанқалгандай ҳўл кўйлакни ечиб, бир чекага ташлайди. Йўлчи катта тўнкани яланғочлаб, илдизларини, йўғон томирларини болта билан уриб, ердан айирар экан, ўзидан ўн беш-йигирма қадам нарида, бедапоя этагида, ёнига пақирини қўйиб, унга яширинча тикилиб турган бир қизга кўзи тушди. Қиз паранжи ўрнига чурук бир яктак ёпинган эди. Эгнида эски, лекин оқ чит кўйлак. Оёқларида жуда эски калиш.
Йўлчи ишдан бир лаҳза бўлсин тўхтамади. Лекин болта уриш учун қаддини кўтараркин, унинг кўзлари, гўё унга бўйсунмагандай, бир неча марта ўша қиз томонга тортилди... «Бу кимнинг қизи, қайдан келади, қаёққа боради, унинг боқишларини ссздими, йўқми»— Йўлчи билмас, аммо унинг гўзаллигини биринчи қарашдаёқ ҳис этди. Қиз ҳали ёш бўлса-да, бўйчан эди, бичими ингичка ва самбит гули новдасидай адл эди. Оппоққина, нозик юзи қуёшда шундай тиниқ кўриндики, гўё у нурдан яратилгандай. Пешана ва чаккасида салқиган сочларининг жингалакларида шуълалар мавжланиб ёнар эди. Ниҳоят, Йўлчи болтани қўйиб, манглайидан терини сидирди-да, қизга дадилроқ қаради. Лекин қиз уялиб, дарров юзини яширди. Бир минутча қимир этмасдан, қаёққадир қараб турди, сўиг пақирни кўтариб, бедапоя бўйлаб юқарига, бойнинг боғи томонга юрди. Йўлчи кўзларини қиздан узмай қотиб қолди. Қиз нарироқ бориб, орқага бир қайрилиб боқди. Йигит унинг юзларида, кўзларида, қандайдир мулойим табассум сезди. Қиз бедапоядан ўтиб, сўл ёқдаги дарахтлар орасида ғойиб бўлгач, Йўлчи енгил, лекин юракнинг ичидан келган бир хўрсиниш билан яна ишга тушди.
Қуёш тик келган. Ҳаво ловиллаб ёнади. Йўлчининг яланғоч елкасини ва орқасини қуёш қиздиради. Ит акилламайди, қушлар сайрамайди. Улар ўзларини сояга олиб мудрашади. Йўлчи ернинг тош бағрини ёриб тўнка қўпоради. Қорни очганлигидан, ичи ачишиб, қандайдир беҳузурлик сезади. На чойдан, на нондан дарак бор. «Меҳмонлар билан овора бўлиб, унутган бўлишса керак...» деб ўйлади йигит.
Нақ пешин вақтида Ёрмат чой-нон олиб келди, уларни ерга қўймасдан, Йўлчини койиди.
— Тез чиқинг-э... Куннинг иссиғини сезасизми?!— Йўлчининг бажарган ишига кўз югуртиб, ўзича ўйлади: «Девкор йигит экан».
Улар дарахт остида, салқинда ўтиришди. Ёрмат нонни ушатиб, дастлаб Йўлчига чой узатди ва жиддий тус билан деди:
— Ишнинг пир ургани шу. Кишини чақиб қўяди.
— Тўғри, аммо йигит одамга ҳеч нарса эмас,— бепарво жавоб берди Йўлчи.
Ёрмат майса устига узала чўзилиб, қаттиқ «уҳ» тортди ва чопонининг ёқаси билан кўкрагини елпиди.
— Меҳмонларни кутиб чарчаганга ўхшайсиз-а, Ёрмат ака?— кулиб деди Йўлчи.
— Бе... Меҳмон кутиш-а...— қўзғалмасдан гапира бошлади Ёрмат,— ҳар қанча меҳмон бўлса, ўзлари кутишади. Мен қанча иш қилиб келдим! Бир арава гўнг ортиб, катта ерга элтиб ташладим. Бир қозоқда минг боғ бедамиз бор эди, қайтишда ундан бир арава босиб келдим. Ё кечки салқин билан, ё эртага эрталаб шаҳар ҳовлига олиб тушаман. Қандай беда, денг, боғи қучоққа сиғмайди. Қозоқ ҳалол ишлайди, бизнинг сартияда инсоф йўқ. Ўзиям сув текин тушди. Хўжайин эрта кўкламда шартлашиб, пулни тўлаб қўйган эди.
— Пулдорлар ҳар бир нарсани ўз вақтида ғамлаб, арзонга туширишади. Камбағалнинг шўри қурийди, керак вақтда бирни иккига олади.
— Нафсиламр, гапингиз жуда тўғри.
— Тоғамизнинг яна бошқа ерлари борми? Қаерда?— деди Йўлчи.
— Бу шунчаки салқинлаб кетиладиган жой. Катта ер юқорида, шу ердан бир соат мўлроқ юрасиз, у ерда нуқул пахта унади. Унда хизматкорлар, мардикорлар ишлаб ётадилар. Эҳ-ҳе, ҳали сиз нима деб ўтирибсиз. Айниқса, хўжайиннинг катта ўғли Ҳакимбойвачча пахтага жуда ўч одам. У киши ёлғиз вахта савдоси билан овора. Тошкентдан, Фарғонадан ҳам кўп пахта сотиб олади. Буларнинг ҳамма ишидан хабардорман. Ахир кеча айтдим-ку, ўн олти йилдан буён шу ерда хизмат қиламан. Шу ерга келган йилим, худо бир қиз берган эди, мана ҳозир бўйи етиб қолди. Бошқа фарзандим йўқ, худо умр берсин, ишқилиб чироғимни ўша ёқсин...
Йулчининг ёдига ҳалиги қиз тушди: «Шунинг қизи эмасмикин?»—У пиёлага чойни қуйиб, Ёрматнинг олдига қўйди.
— Ичинг. Сиз тошкентликмисиз?— деди Йўлчи. Ёрмат бошини кўтарди, бир қўлини ерга тираб ёнбошлади. Чойдан бир-икки ҳўплаб, сўзга киришди:
— Мен Самарқанднинг бир қишлоғиданман. Ёш палламда етим қолдим. Ўғирликдан бошқа ишни — жамики ҳунарни қилиб кўрдим. Кейин самарқандлик бир бойга қарол бўлиб ёлландим. У киши тоғангиз билан дўст эди. Хўжайин Самарқанд борса, тўғри бизникига бориб тушар эди. Уч-тўрт йил ишлаганимдан кейин, хўжайиним умри қисқа экан, ўлди. Мол-мулки ёш болаларига қолди. Ўртада ҳар хил меросхўрлар кўпайди. Бойликнинг тагига сув кетди... Шу ўртада бирдан бу хўжайин бориб қолдилар. Тошкентга қайтишда мени ҳам олиб жўнадилар. Чунки яхшилигимни, тўғри, ҳалол ишлаганимни билар эдилар. Умр ариқдаги сувдан тезроқ оқар экан. Шунча йил ўтибди, аммо менга худди кечагидай бўлиб кўринади.
Йўлчи диққат билан тинглади, Ёрмат пиёлани. бўшатиб яна давом этди:
— Бу оилада нима сир ўтса, барчаси менга аён. Тўй, аза — барисига аралашаман. Меҳмонларини, қариндошларини ҳам танийман. Бойнинг давлати ҳам менга маълум. Тоғангиз миқти бой. Айниқса, мана шу беш-олти йил ичида бойлик жуда зўрайиб кетди, хўп деяверинг. Худонинг қудратида, давлат бир келса, дарёдек тошиб келар экан... шундай, ука. Мен бу даргоҳнинг ўз одамиман. Дадангизни ҳам танийман, бир-икки суҳбатлашган эдим, бу кун эсимга тушди.
— Сиз хўжайиндан йиллик ҳақ олсангиз керак? — Ёрматнинг оғзига қаради Йўлчи.
Ёрмат бир нафас сукут қилди. Бу саволга қандай жавоб беришга қийналган каби, носқовоғини ўйнаб, ерга тикилди. Сўнг аста гапириб кетди:
— Худо ҳақи, мен хизматимга бир нарса беринг деб сўрамайман. Инсоф ўзларингга берсин, дейман-да, юравераман. Қишда хўжайинларнинг ёнбошида бўлган бир каталак ҳовлида яшайман. Ёзда анов боғнинг орқасида бир айвончада турамиз. Ўз декчамизни ўзимиз қайнатамиз. Хўжайиннинг қозонидан унда-мунда бир тотмасак... йўқ, мойсиз бўлса ҳам ўз декчам яхши. Аёлим қишин-ёзин ичкари ҳовлининг юмушини қилади, кир ювади, уй-жойии супуради, нон ёпади, кўрпа қавийди. Хўжайиннинг қизи учун палак, дорпеч, қийиқ тикади. Юмушдан кўпи борми! Ука, бор-борича,  йўқ — ҳолича, ишқилиб, бир кунимиз ўтиб турибди. Тирикчилик қийин. Бир вақтлар туя ёнғоқ, энди қумалоқ ҳам кўзга дори. Нон тополмай кўчада гадойлик қилиб юрганлар озми, ука? Худо шундан сақласин...
Ёрмат оғзига носвой солиб, жим бўлди. Йўлчи ҳам бошини қуйи солиб, бир оз дам олишни истади. Ногоҳ жимжит ва қизғин ҳавони янгратиб, ҳофизнинг таъсирли овози кўтарилди. Ашуланинг куйи, айтувчинииг том жарангли овози Йўлчининг юрагига баҳор латофати каби тўқинди. У кўзларини сузиб, ашула янграган томонга қаради. Куй узоқдан, бойникидан учар эди. У завқни бузмаслик учун, Ёрматга бу тўғрида ҳеч нима демади. Ёқимли садонинг сеҳрига берилиб, кўзлари секин юмилди, боши яна қуйироқ тушди. Унинг руҳи гўё ашулада жимгина эриди. Мулойим, дилнавоз садолар унинг бутун томирларидан ҳордиғини суғургандай бўлди. Ашула ниҳоясига етди. Лекин бир зумдан кейин, яна айни товуш парвоз қилди. Аммо ўзга мақомда, ўзга, яна чуқурроқ мавжланишлар, жилвалар билан кўнгилни яна қаттиқроқ сеҳрловчи ингичка титрамалар ва ранглар билан... Ҳавода у куйнинг сўнгги мавжлари тинаркан, Йўлчи деди:
— Роса овози бор экан-да, йўлини ҳам қияр экан. Тоғамизникиданми?
Носвойини туплаб, илжайиб жавоб берди Ёрмат:
— Ҳа, бизникида.
— Кечаси ҳеч нима айтмади-ку, кундуз келди шекилли. Ёрмат кулди.
— Бу ҳофиз бутун оламга танилган. Яккаю ягона овоз... Аммо ҳозир ўзи бу ерда йўқ.
— Нима дейсиз,— ҳайратланиб деди Йўлчи?— ўзи бўлмаса, ашула қаердан?
— Тўғри, ўзи йўқ, ашуласи бор... Грамофон деган буюмни кўрганмисан, ё эшитганмисан?— кулиб сўради Ёрмат.
— Йўқ, у нима бўлади?
— Ашулачининг овозини машинага кўчиради, айрим-айрим лаганча қилиб... кейин шу машинанинг қулоғини бурасанг, лаганча гир-гир айланиб, ашула, дутор танбур ванғиллайверади. Худди жонли одамдай.
— Қишлоқи деб мени лақиллатмоқчимисиз?— қошини чимирди Йўлчи.
— Нега лақиллатайин?.. Илм-ҳикмат билан ҳар нимани қилса бўлар экан. Шаҳарда кўнкани илгари от сургар эди. Мана энди кўнка отсиз юрибди. Отсиз қандай юради? Ҳаммаси илми ҳикмат. Грамофон ҳам шундай. У Фарангистондан келса керак. Тунов куни бир билгич одам: «У ёқда ҳунар баланд бўлади», деган эди. Грамофон бойлар орасида расм бўлиб қолди. Шундай ўтиршиларда ўртага қўйиб чалишади. Ишонмасанг, кечқурун сенга кўрсатай.
Бирдан бошқабировоз эшитилди: кимдир тез-тез гапиради, дам эркакча, дам хотинча сўзлайди, дам чақалоқ бўлиб «инга»лайди... Йўлчи таажжубланиб, Ёрматга қаради.
— Бу «Абдулла фонусчи» деган катта қизиқчи. Ҳозир грамофонда қизиқчилик қилаётибди,— деди Ёрмат. Йўлчи «тавба» деб ўрнидан турди, кетмонни олиб ишга тушди. Ёрмат чойнак-пиёлани кўтарди, кетар олдида қичқирди:
—Бошинг соғ бўлса, ҳали Тошкентда кўп ажойиб ишларни кўрасан, йигитча!..

III

Меҳмонлар жуда усталик билан пиширилган қозон кабобни иштаҳа билан еб, устидан бир косадан «қобилий шўрва»ни ичиб, оғир нафас олишар эди. Ёрмат супа атрофига сувни қалин сепгач, улар супага ўтишди. Чақнаб ёниб турган қизил, юмшоқ гилам четларига ёзилган шоҳи кўрпачаларда, катта пар ёстиқларга ёнбошлаб чой ичар эдилар. Иссиқнинг ва ёғлиқ овқатларнинг дамини кесиш учун ҳеч ким пиёладан, чойнакдан қўл узмас эди. Меъданинг тўлганлигидан ва иссиқдан семизлар айниқса беҳузурлик сезар эди. Саккиз меҳмон ичида иккиси бениҳоя семиз эди. Бири яқинда бой бўлиб, бирданига семирган, пахта завод соҳиби Жамолбой, иккинчиси ота-бобосидан «бойкалон» ўтган қўйчи Султонбек эди. Улар супанинг икки томонида, бир-бирларига рўбарў ёнбошлаб ҳарсиллашар, баъзан бир-бирларининг семизликларидан кулиб, дўстларча енгил ҳазиллашиб қўйишар эди. Меҳмонларнинг аксари ўрта ёшли — ўттиз-қирқ орасидаги одамлар эди. Улар аччиқ чойни сипқириб, савдодан, хотиндан, банка муомалаларидан сўзлашар, тошкентлик машҳур бир бойнинг хасислиги ҳақида энг кейинги, ҳали ҳеч кимнинг қулоғига чатилмаган латифалар суҳбатга «ранг» бериб турар эди. Бу ердагилар эса ўзларини «танти», балки «хотамтой» деб ҳисоблар эдилар...
Қўрғондан — ичкари ҳовлидан Мирзакаримбой чиқиб келди. Меҳмонларга: «Зерикмадингизларми?» деб, супанинг бир четига ўтирди. Чолнинг ҳурмати учун меҳмонлар оёқларини йиғиб ўтиришга уриндилар.
— Баҳузур ёйилиб ўтираверинглар. Далада ёз палласида ёйилиб ўтириш — роҳат,— деди меҳмонларга мурожаат қилиб бой.
Гап-сўз бир-бирига илашмади: чол олдида хотинлар ҳақида сўзланилмади, хасис бой тўғрисидаги латифалар ҳам тугади. Султонбек пишиллаб мудрай бошлади.
— Мулла Абдишукур,— Мирзакаримбой меҳмонлардан бирига мурожаат қилди,— оламда нима хабарлар бор, гапирсангизчи. Кўпдан буён сиз билан суҳбатлашишга тўғри келмади.
Абдишукур манглайи тиришган, кўзойнакли, этсиз, қорамтир юзи ичига ботган, қисқа мўйловининг икки учини ингичка бураб, бурнининг катакларига еткизган, замонасига нисбатан қисқароқ камзул кийган ўттиз беш ёшли, ориққина киши бу ердагилар орасида ҳамёни қуруқ, сўзга тўлиқ шу эди.
Тошкентнинг «Аския» мавзуида отасининг бир парча ери бўлган. Бутун оиласи бу ерга помидор, пиёз, редиска, карам ва ҳоказо резавор экиб, мумкин қадар элдан бурунроқ бозорга чиқариб, «пул» қилишга тиришар эди. Абдишукур бу йўлдан кетмади. Маҳалладаги мактабни битириб, мадрасага кирди. Мадраса ҳужрасига тиқилиб, моддий қийинчиликлар ичида тўрт йил ўқиди. Кейин мадраса илмларидан кўнгли совий бошлади, чунки имом бўлиш уни сира қизиқтирмади. Бунинг устига у мударрис ҳам муллаваччалар билан яхши чиқиша олмади. Таҳсилини чала қолдириб, мадрасадан чиқди. Таҳсил учун Истамбул ёки Мисрга жўнаш орзуси, маблағ йўқлигидан, амалга ошмади. Бир қанча вақт бекор юргач, «ишбилармон» амакисинииг ёрдами билан, ниҳоят, бир бойга мирза бўлди ва хизмат учун Тўқмоқ шаҳрига жўнади. Бу ерда бир татар савдогарининг хизматига ўтиб, Қозонга кетди. Қозонда уч йил яшади. Татар савдогарлари орасида айланаркан, уни-буни таниди. Ёшлар билан ҳам бир қадар алоқа боғлади. Газета-журнал мутолаасига одатланди. Тошкентга қайтгач, у ўзини энг «кўзи очиқ» ва «янги фикрли» мусулмонлардан ҳисоблаб, «усули жадид» мақтабларини очишга ташқивот юргиза бошлади. Шоирлик истеъдодидан тамом маҳрум бўлишига қармай, у «миллатни уйғотиш» учун вазни бузуқ, фикри саёз, рангсиз назмлар ёзди. Ҳозир мунтазам равишда турк ва татар матбуотини таъқиб этади. Татар руҳонийларидан Мусабегиев ва Ризаиддин Фахритдинларни буюк олимлар деб билади. Турк адиби Аҳмад Мидҳатни ягона «хазинаий илм ва урфон» ҳисоблаб, топинади. Русчада китоб мутолаа қила олмаса ҳам, лекин мукаллима тилига анча-мунча эпчил. У болалик чоғида дадаси билан бирга янги шаҳарда резавор сотиб юргандаёқ русчага тили югурик бўлиб қолган эди. Абдишукурни баъзилар «закунчи» дейди, баъзилар «даҳрий» дейди. Ҳозирги кунда Жамолбойнинг приказчиги, дўсти ва кенгашчиси. Кеча у хўжайини билан извошга ўтириб, бу ерга меҳмон бўлиб келган эди.
У қутиси устига «Роза» деб ёзилган папиросни қўлига олиб, гугурт чақмасдан илгари. Мирзакаримбойни қаноатлантиришга тиришди.
— Тақсир, оламда гап кўп... Ер юзида бўлган жами воқеаларни ҳар кун газеталар етказиб туради,— деди ва энг сўнгги хабарлар билан эски хабарларни аралаштириб, бирмунча маълумот берди. Кейин ислом олами масалаларига кўчди, бўлиб ўтган «Болқон муҳорабаси»ни тилга оларкан, уруш воқеаларини тинглашни яхши кўрган Мирзакаримбой дарров унинг сўзини кесди:
— Қайси қирон қайси қирон билан урушди?
Болқон урушидан хабарсиз бир мусулмон бойининг саволига у ичидан афсусланса ҳам, лекин буни сездирмади, аввалги тур билан гапини давом эттирди. Бу урушда қайси давлатлар иштирок қилганини ва урушнинг оқибатини сўзлади.
— Булғор, Юнон ҳукуматлари дейсизми? Баччағарларнинг номлари жуда хунук экан-да!— деди бир савдогар.
Абдишукур давом этди сўзида:
— Бутун олами исломнинг халифаси Султон ҳазратлари бу урушда танҳо қолдилар, аскарлари қаттиқ мағлуб бўлди. Мусулмонларнинг иттифоқсизлиги, бир-бирининг ҳолидан хабарсизлиги натнжасида исломнинг обрўсини туширган бундай фожи воқеалар рўй берди... Хусусан биз, Туркистон мусулмонлари чуқур ғафлатдамиз. Агар биз жаҳду жадал қилиб бу жаҳолат ботқоғидан қутулмасак, тараққий йулини тутмасак, бошқа мусулмон мамлакатлари билан иттифоқни маҳкамламасак, яқин ўртада биз, мусулмонларнинг муқаддас ерларимизни ҳам христианлар босиб оладилар. Маккаий Мукаррамани, Мадинаий Мунавварани ҳам улар тўпга тутишдан тоймайдилар.
— Бир нарсага олдиндан ҳукм этиш тўғри эмас, Абдишукур,— салмоқлаб деди Мирзакаримбой,— ҳар бир иш Оллонинг буйруғи билан бўлади.
«Бурнидан тортса йиқиладиган», кучсиз, хунуккина киши — баззоз Абдулхолиқбой қошини чимириб, ингичка, хотинчалиш овози билан гапга аралашди:
— Сиз оқ-қорани таниган одамсиз, Абдишукур. Бир нарсани асло ёддан чиқармангки, Каъбатуллога ҳеч бир кофирнинг қадами тегмас, иншоолло, наинки кофирлар босиб олсин, тўпга тутсин! Нимага десангиз, ҳар бир мусулмонга маълумки, Муҳаммад алайҳиссаломнинг қабр шарифлари бор у ерда, яна у ерда қанча азиз-авлиёлар ётибди. У ерни Оллонинг ўзи сақлайди. Биз бир бандамиз, аммо ақлга сиғадиган нарсани сўзлаймиз.
— Худонинг уйига кофирнинг замбараги тушадими!..— сўзга киришди чиннифуруш Тожихонбойвачча,— ўтган йил амаким ҳаждан келди. У кишининг айтишига қараганда, пайғамбаримизнинг қабрлари устидан каптарлар ҳам учиб ўтишга журъат қилолмас эмиш, шундай учиб келиб, зиёрат қилиб, ёндамалаб, яна қайтармиш.
— Қудратли парвардигор, шак келтириб бўлмайди,— деб минғиллади Мирзакаримбой.
Қалин, гўштдор лабини секин қимирлатиб, Султонбек сўз олди:
— Ростини айтсам, шу замонда гап-сўз қайнаб кетган. Лекин бировининг ҳам маъноси йўқ, бирида ҳам маза-матра йўқ. Ҳаммаси бош оғриғи гаплар. Билмадим, бўёқчининг нили бузилганми, ё охир замон яқинлашиб, яъжуж-маъжуж хуруж қилганми?—Султонбек атрофидагиларга кўл югуртди. Кейин бурнини кавлаб, ҳарсиллаб давом этди.— Ҳар хил тирранчалар пайдо бўлибди. Абдишукур уларни яхши танийди,— истеҳзо билан Абдишукурга қараб қўйди,— тирранчалар ҳар қадамда бўлмағур маслаҳатлар беришади. Шу яқинда ёр-дўстларим билан ўтирганимда, сўз тўй устида борди. Шу йил кузда ўғлимни тўй қиламан, деган ниятим бор, деб улардан маслаҳат сўрадим. Яхши-яхши маслаҳатлар беришди. Лекин маҳалламизда газет ўқийдиган бир «шумтака» бор, у ҳароми нима дейди? «Султонбек ака, сиз шариатга қараб, мавлуд тўйи қилинг; бутун юртга ибрат бўлсин: «Султонбекдек бир давлатманд ўз ўғлини мавлуд тўйи билан кесди, деб газетага ёзаман», дейди... «Ука, у тўйинг қалай бўлади?» «Йигирма-ўттиз одам чақирасиз, мавлуд ўқилади. Мана шариат тўйи...» дейди. Буни эшитиб, азбаройи худо, тутақиб, иситмам чиқиб кетди. «Арвоҳ оши» бермайман, ўғлимни тўй килмоқчиман, тўй, дедим. Уч бия, йигирма бир дона қўй сўяман, ноғора-карнай билан уч кун ош бераман; ота-бобом ҳафталаб тўй қилган одамлар, дедим. Хўш, бу тирранчалар бировнинг тўйига нимага аралашади? Газетангни ўқиб юравер. Мен катта тўй қилсам, ўз ўғлим учун қиламан, ўз пулимни сарф қиламан. Менда ҳам орзу-ҳавас бор. Агар шариатимиз мавлуд тўйини буюрган бўлса, нега уламоларимиз ҳеч нима дейишмайди? Мадраса тупроғини яламаган у тирранча қаёқдан шариатни билувчи бўлиб қолди? Яна шунисига доғманки, баъзи бир бойларимиз, баъзи савдогар болалари уларнинг сўзига ишонади. Мана Азимҳожининг ўғли Турсунбойвачча янги мактаб очишга уриниб юрибди. Тунов кун бизникига келиб, мени ҳам аврай бошлади. Бир ўғлим қорихонада ўқийди, бир ўғлимни Хадрадаги ўрис мактабига бердим, шу бас дедим.— Султонбек сўзлаб чарчагандай, ёстиққа оғир ёнбошлаб қип-қизил бўйнидаи ва чарх товоқдай юзидан терини арта бошлади.
— Хадрадаги мактаб болаларимизга кифоя қилади-ку, яна қандай мактаб лозим?— деди бир савдогар.
Абдишукурнинг тили қичиб, янгича тўй ҳақида, уламо, шариат ва мактаб тўғрисида муфассал изоҳ бермоққа чоғланган эди, лекин сўзни Ҳакимбойвачча илиб кетди. У янги мактабга қарши бўлмади. Лекин, янги мактабда «Қуръон карим» ва бошқа диний дарсларнинг кўпроқ ўқитилиши кераклигини таъкидлади. Тўй тўғрисида шундай деди: «Шариатда исрофгарчилик буюрилмаган, деб эшитамиз. Аммо, тўй тўғрисида уламоларимиз йўл кўрсатмагунча, ёшларнинг гапига эътибор қилиб бўлмайди. Зероки, халқнинг отаси, шариатнинг ҳомийси ёлғиз уламоларимиздир. Ёшлар «янги фикр», «эски фикр» деган гапларни йиғиштириб, уламоларимиз билан қўлма-қўл ишлашлари, уламолар олдида адаб сақлашлари керак. Уламодан ташқари шариат ишларига аралашиш — шариатга рахна солиш, уни бузиш билан баравар. Бунинг оқибати, албатта, ёмон. Уламоларга асло тил тегизмангизлар, Абдушукур!»
Ҳали ваъз этишга ошиққан Абдишукур, энди сукут қилишни лозим билди, фақат, Ҳакимбойваччага илжайиб қараб, унинг сўзини бош қимирлатиш билан тасдиқ қилди Бир зум чўзилган сукутни Салимбойвачча бузди.
— Уламоларимизда ҳам айб кўп,— акасига қараб деди у,— бидъат ишларни йўқотиш ўрнига, уларни ҳимоя қиладилар. Тўй-ҳашамларда бўладиган исрофгарчиликни улар ман қилмайдилар. Ўзлари тўйма-тўй юришни, ярқироқ чопонлар кийишни яхши кўрадилар. «Бойлар тўйларга сарф қиладиган пулни савдога ишлатсин, театр ишларига берсин» дейди ёшларимиз. Бу тўғри нарса. Уламоларимиз газета ўқиган одамларни ҳам «кофир» деб ҳисоблайдиларку, бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас.
Меҳмонлар унинг гапига яхши эътибор қилмаган бўлсалар ҳам, Мирзакаримбой ўз ўғлига ўқрайиб, бошини қуйи солганини ҳамма сезди.
— Укамиз Салим,— деди Ҳакимбойвачча,— оғзига нима келса, шуни валдирайверади. Ўртоқлари ҳалиги тирранчалардан...
Салим индамади, соатининг олтин занжирларини ўйнаб, аввалгидай ўтираверди.
— Шу театр дегани нима? От ўйиними?—Абдишукурдан сўради чойфуруш Садриддинбойвачча.
— Тамом бошқа нарса у, Садриддин ака! Бир карра кўрсангиз, у ҳар ким учун бир мактаб эканини англайсиз,— деди Абдишукур.
— Мен кўрдим театрни,— ҳовлиқиб, пихиллаб сўзга киришди пахтачи Жамолбой, — Абдишукур қизиқтирган эди, борсам борай дедим... Сиз уни мактаб дейсиз. Абдишукур, қандай қилиб мактаб бўлади у? Домла қани, шогирд қани? Мен борганимда бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетганини кўрсатишди, холос.
— Мактаб эмас, ибрат денг,— кимдир изоҳ берди.
— Менга қолса ҳеч нима эмас,— давом этди Жамолбой,— ўша куни Абдишукур ҳам ўйнади. Қизиғи шуки, мен уни сира танимай қолдим. Бу киши ола байроқ тўн кийган, узун соқолли, билмадим, имомми, эшонми бўлиб чиқди... Овозидан ҳам танимадим. Абдишукур, овозни бунчалик бошқача қилишни кимдан ўргандингиз? Ҳунарингга балли-е... Лекин, тўғрисини айтсам, от ўйини анча қийин. Буларникини кўриб бўлгунча, юрагим тарс ёрилиб кетаёзди. Нуқул гап. Тағин белатга беш сўлкавой тўлабман. Белат баҳоси эмас, ёрдамингиз, деб қўйишди! Бир марта кўрдим, бас, энди елкамнинг чуқури кўрсин.— Жамолбой ҳаммага бир-бир қараб, «қиҳ-қиҳ»лаб кулиб қўйди.
— Илгари ҳайит кунлари Кўмирсаройда қўғирчоқбозлик, «Чодир хаёл!» бўлар эди. Энди номини бошқа қилишибди-да мазмуни.
— Ўлмаган қул ҳар нимани кўраверар экан,— деди Мирзакаримбой пешанасини қашиб.
— Бизнинг театр ҳали янги-да. Уста ўйновчилар йўқ,— изоҳ бера бошлади Абдишукур,— маданиятли мамлакатларда театрлар баланд даражада бўлармиш. Кўп маънидор нарсалар кўрсатилармиш. Халқнинг рағбати ҳам катта бўлади, деб эшитаман. Яқинда бир ўрис адвокат билан сўзлашдим. Масков, Петербург театрларини гапирган эди, оғзим очилиб қолди.
— Масковга, Петербургга кўп қатнадим, ойлаб у шаҳарларда қолдим. Бир марта ҳам кўрмабман-да,— деди бир меҳмон.
— У ерлар бошқа. Петербург оқподшоҳнинг пойтахти. У ерда ҳар қандай ажойиб ишлар бўлса ярашади,— чеди Ҳакимбойвачча.
— Оқподшоҳ ҳам борармикинлар театрга?— кимдир сўради Абдишукурдан.
— Албатта, албатта борадилар.
— А, ҳа!..— бу садо билан уч-тўрт киши бирдан ўз ҳайратини билдирди.
Абдишукур тушида ҳам кўрмаган пойтахт театрларини мақтамоқчи бўлиб, энди сўз бошлаган эди, Ёрмат дастурхон келтириб, норин тайёр бўлганини билдирди. Меҳмонлар ўринларидан туриб, увушган оёқларини уқалаб, керишиб, ким қўл ювишга, ким «таҳорат ушатишга» тарқалди.

IV

Йўлчи отхонанинг бир томонига уйилиб, сасиб-бижиб ётган гўнгни катта ерга элтиш учун аравага ташимоққа киришган эди. Уч ҳафта қадар бу ерда яшаб, бой тоғанинг ҳамма юмушларини яхши бажаргани ва меҳнатга лаёқатини, уқувини яққол кўрсатгани учун бой унга катта ерга чиқиб пахтада ишлашга буйруқ берган эди. Биринчи қопни дарвозага олиб чиқиб аравага тўқиш олдида, Ёрмат узоқдан қичқириб, уни тўхтатди:
— Бу кун жўнамайдиган бўлдик.
— Нега?
— Тоғангизнинг хотинлари келинлари билан бирга бир қуданикига туғуриққа борар эканлар. Арава керак.
— Хўжайин койимасмикин?
— Эртага жўнаймиз-ку. Жавобини хотин хўжайин берадилар. Боёқиш хотинлар ҳам бир яйраб келсин-да.
Йўлчи қопни деворга тираб қўйиб, дарвозанинг ёнидаги кичкина супачага ўтирди. Ёрмат челак билан аравага жуда кўп сув сепди. Сўнг, яхшилаб супурди. Отга чиғаноқли асбобларни тақиб, ёлини қизил латталар билан, ўриб, отнинг атрофида айланиб, унга жуда зеб берди. Отни қўшгандан кейин аравага қалин намат солди, устидан кўрпача ёйди. Унинг ҳар бир ҳаракати, хотинлар учун мумкин қадар қулай, ўнғай жой ҳозирлашга тиришганнни кўрсатар эди. Хўжайинларнинг хотинларини, бола-чақаларини аравага солиб, дабдаба билан меҳмондорчиликка, олиб юришни у жуда яхши кўрса керак, шунинг учун ҳозир мағрур ва шод эди. Лекин у шодлигини билдирмас, ҳатто қовоғи солиқроқ кўринади. Йўлчи бу кишининг қилиқларини бир даража синагани учун, унинг «бола табиати»га ичидан кулиб ўтираверди. Арава тайёр бўлгач, Ёрмат бир муҳим нарсани унутгандай, бир ёққа югура кетди. Аллақайдан кичкина нарвонча келтириб, араванинг орқасига тиради. Кўлини белига қўйиб, ўзи ҳам шу ерда қаққайди.
Хотинлар анча кечикиб чиқишди. Аввал банорас паранжи ёпинган қайнана — Мирзакаримбойиимг хотини, ҳарсиллаб-гурсиллаб, нарвончанинг ҳар поғонасига қадам қўйганда «бисмилло»ни такрорлаб, аравага ўтирди. Унинг кетидан, бири кўк духоба, иккинчиси зангори духоба паранжи ёпинган қўш келин — Ҳаким ва Салимбойваччаларнинг хотинлари чиқишди. Хотинларнинг бемаъни қий-чуви, арзанда болаларнинг хархашаси ҳамма ёқни тутди. Йўлчи болаларни бир-бир кўтариб, хотинлар орасига жойлаштирди. Ёрмат ичкаридан бир неча сават мойкулча ҳам дастурхондан иси, буғи бурқиб турган бир тоғара палов ва ҳоказо олиб чиқди. Арава лиқ тўлди. Ёрмат араванинг ҳар қисмига разм солиб, кейин чаққонлик билан отга минди. У янги, «ҳаваскор» ўспирин аравакаш каби, гердайиб, елкасини қийшиқ қилиб ўтирди. Кейин «чу» деб отга қамчи ураркан, Йўлчига қичқирди.
— Ҳов, йигит, кечаги чопиқни битириб қўйинг! Йўлчи чопиққа тушмасдан аввал соч олдириш учун гузарга чиқди. Мўйсафид сартарош уни беқувват шалақ курсига ўтқазиб, кирдан қатирмаланиб ялтираган лунгини бўйнига илиб, бошини ишқалай бошлади. Қаттиқ суяк панжаси билан узоқ ишқалади. Атрофда ғув-ғув пашша оёқларга ёпишади, бурун катакларига суқулади, қулоқни узади, бир зум тинчлик йўқ. Йўлчи соч олдириб бўлгунча, қийноқ ичида тоқатсизланди. Ўрнидан тургач, бир «уҳ» тортиб, енгилланди. Мўйсафиднинг кафтига ярим танга қистириб, чойхонага ўтди.
Чойхоначи эллик ёшларда бўлган юмалоқ —«гирдигум» одам, ҳаракати жуда суст, қарашлари ялқов. Бир сўзни ўн бўлиб базўр чиқаради. Қаршидаги чойхоначи учқун тегиши билан гув алангаланувчи қиринди бўлса, буниси алангани сўндирувчи ҳўл тўнка, чойхонада одам кўп. Ўртада давра қуриб, бир тўда йигитлар ўтиради. Аксарининг қўлида бедана. Сўзлар ҳам беданабозлар устида.
Йўлчи зерикди. Чой чақирмасдан ташқари чиқди. Чойхонадан нарироқда, кўча сатҳидан бир оз баланд турган ва чирик тахталари ўрнига йўғон-ингичка ходалар ётқизилган кўприк олдида қовун ортган арава тўхтаганини ва деҳқоннинг беҳуда уринишини кўрди. Аравакаш елкасини губчакка тираб итарса ҳам, от тўрт оёғи ерга михлангандай, қимир этмасди. Кўмаклашув учун Йўлчи югуриб борди. Отнинг жиловидан тортди, аравакаш ғилдиракдан туртди. От силжимади. От қари ва бениҳоя ориқ эди, думини қимирлатишга ҳам эринар, бошини қуйи солиб, чиркинлашган кўзларини ожиз жавдираган эди. Арава ҳам кўҳна, ямоқ-ясқоқ, ғилдирак темиридан унда-мунда парча-пурча қолган, кегайлари шалоқ...
— Деҳқон ака, эҳтиёт бўлинг, аравангиз нобоп...— бошини чайқаб гапирди Йўлчи.
— Биламан, лекин илож йўқ, ука, шаҳарга бориш керак,— деди деҳқон арава орқасидан.
Йўлчи отнинг жиловини бир болага ушлатиб, ўзи бир губчакка ўтди. Иккинчи томонда деҳқон. Йўлчи:
— Олинг, деҳқон ака!..— куч билан итарди-да, отга: «чуҳ, жонивор!» деб қичқирди. Орқадан итарган икки кучнинг кўмаги билан от олдинга интилди, тириша-тириша аравани кўприкка олиб чиқди. Лекин шу онда, нимадир, «қарс» этди. От тўхтади. Йўлчи араванинг нимаси шикастланганини пайқамай, ҳайрон бўлиб турар экан, араванинг тагидан деҳқоннинг аянчли товуши эшитилди:
— Ўқи кетибди, иш пачава...
Деҳқон тупроққа ботиб арава остидан чиқди. Кўзига тушган катта эски қалпоқни кўтарди, жулдур чопоннинг этаги билан бурушиқ пешананинг терини артди. Йўлчи унинг ичига ботган, чуқур кўзларида чорасизлик қайғусини, машаққат оғирлигини кўрди. Унинг офтобда куйиб пишган, этсиз, йирик ёноқли юзида кўз ёшими, терми, ҳар ҳолда томчилар юмаланар эди.
— Хафа бўлманг, ака,— деҳқомнинг елкасини қоқиб юпатди Йўлчи,— фалокат эмас, арава синади, тузатилади.
— От-арава ўзимники бўлсайди, жарга қулаб кетса ҳам майлийди. Кишиники, ука. Ўзимда улов йўқ. Қовуним пишиб чириб кетди... Қўшнимдан от-аравани бир кунга тилаб олган эдим. Жилла бўлмаса, битта четанда олиб тушай-да, сотиб, болаларга кийимлик олай, деб хаёл қилган эдим. Бола-чақа қипяланғоч, уҳ... Фалокат кутиб турган экан.
Атрофда одам тўпланди. Баъзилар ачинади, баъзилар томошабин. Мана, шу гузарнинг ўспирин баққоли ҳам етиб келди, оч итдай аланглаб, қовунларни кўздан кечирди.
— Қани, деҳқон ака, савдони қилайлик, қўлни беринг... Отингизнинг думи остидан юлдуз кўриниб қолибди. Арава бўлса алмисоқдан қолган, яна синибди. Шу от, шу арава билан шаҳарга юк олиб борармидингиз? Шаҳар қайда!.. Уйламабсиз-да. Неча пул берай?— баққол бидирлаб, деҳқоннинг қўлини ушлади. Эс-ҳушини йўқотиб, гарангланган деҳқон дастлаб индамади. Ёш баққол вайсайвергандан сўнг бир уҳ тортиб, секингина деди:
— Ўн тўрт сўм берасиз...
— Э? Ўн тўрт сўм? Тушингизни сувга айтинг.
— Шаҳарда ўн саккизга «ғинг» демай олади. Ноиложликдан дейман-да. Қовунга қаранг. Ҳар бири туянинг калласидай. Жуда сараланган.
— Шаҳарга бора олмайсиз,— бидирлади баққол,— қовунни ҳам кўрдим. Ўртача. Агар яхши бўлса, халқ еб, сизни дуо қилади, мен ўзим емайман. Кейин, ким билади, бир палакдан ҳар хил қовун етишади. Деҳқон бўлмасак ҳам, буни фаҳмлаймиз. Уч сўлковой бераман, хўп денг!..
— Саксонта қовунга-я? Уч сўм?— деҳқон тескари бурилди.
— Инсоф қилинг, баққолака!—қичқирди Йўлчи. Яна бирмунча одамлар Йўлчининг сўзини тасдиқладилар: «Тўғри, инсоф қилинг-да!» Баққол, бу сўзларни эшитмагандай аврайверди:
— Мен сизнинг фойдангизни ўйлайман. Арава кишиникими? Қовунини тушириб оламан шу ерда. Анов ерда уста Тошпўлат бор, биларсиз. Арава ишида фаранг! Қовуннинг пулига аравани тузаттирасиз. Эгаси хафа бўлмайди. Иложи бўлса, яматганингизни айтманг, койиб-нетиб юрмасин тағин. Туя кўрдингми, йўқ, вассалом...
Иложсиз қолган деҳқон баҳони секин камайтириб, етти сўмга тушди. Бошқа бир рақиб илмасин деган андиша билан баққол ҳам бир тангалаб ошаверди. Сўз билан деҳқоннинг бошини қотириб, ниҳоят, тўрт ярим сўмга кўнишга мажбур қилди...

* * *

Йўлчи чопиққа тушди. Куннинг иссиғида кетмон ташларкан, фикри хаёли ҳалиги деҳқонда бўлди: «Ажаб дунё экан! Ҳар ерда деҳқоннинг иши чатоқ. Ери бўлса, улови йўқ. Улови бўлса, ери йўқ. Кўпида иккиси ҳам йўқ. Мана, мен!.. Ҳозир қаёққа қарасанг, менга ўхшашлар... Ҳалиги деҳқон қовун экибди. Қанча меҳнат, қанча машаққат! Ёлғиз ўзи эмас, бутун уй-ичи билан ишлаган, албатта. Дастлабки сотиш бу хилда бўлиб чиқди. У молини сотмади — сувга оқизди. Йўқ, сувга оқизгандан баттар бўлди. Лоақал ўн беш сўм турадиган қовунни тўрт ярим сўмга сотсин, буни ҳам бировнинг аравасини тузатишга тўласин. Фойдани тулки баққол урди. Вой ҳароми, нринсоф! Мен бундай мўлтонини сира кўрганим йўқ эди... Энди деҳқон, ўз отасининг шаҳардан қайтишини тўрт кўз билан кутган болалари олдига қандай боради. Уларга нима дейди? Қип-яланғоч болалар: кийим қани деса, нимани кўрсатади? Тўй ўрнига аза!..»
Кейин ўз аҳволига, қишлоқдаги оиласига қайғурди: «Мен чиққанимда уй қоқ эди. На бир сиқим ун, на бир қошиқ мой! Нима билан тирикчилиқ қилишади? Укам ишлайди. Лекин ёш бола хўжайинникида ўз қорнини тўйдирса бунга ҳам хурсандман... Кузда тоғамдан пул олиб юбораман-да. Лекин қариндошларимиз ўлгундай пишиқ одамларга ўхшайди. Ғирромлик қилишмаса майли-я...»
Чопиқни тугатиб, бойнинг боғига келди. Ташқаридаги супада бир қанча вақт чўзилиб ётди. Йўлчининг келганини билиб, Ҳакимбойваччанинг тўққиз-ўн яшар ўғли Рафиқжон нон олиб чиқди. Бир аёл қўрғон эшигида, бетини кўрсатмай, бир чойнак чой узатди. Йўлчи уни тоғасининг қизи эканини фараз қилди.
У супада чой ичаркаи, Рафиқжон у билан сўзлашиб ўтирди. Бу болани, эсли деб уйда қолдириб кетган эдилар. У жуда зерикиб, нима ўйин ўйнашни, ким билан ўйнашни билмас эди. Йўлчи уни овутиш учун толдан бир новда кесиб олиб кичкина ҳуштак ясади-да; «Ма, чал, миршабларнинг ҳуштагидан ҳам яхши бўлди», деди. Рафиқ пуфлаган эди, жуда қаттиқ чуриллади. Бола бениҳоя суюнди. Уни кўпроқ қувонтириш учун, Йўлчи йўғон қамиш топиб, ичини тозалаб, бир қаричдан мўлроқ қирқиб олди-да, унга нўхат сиғадиган бир неча тешиклар ясади: «Мана бу най», деди. Най ҳам дурустгина чалинди. Лекин Рафиқ буни дарров синдириб ташлади.
— Уйда яхши найим бор,— болаларча махсус мақтанчоқлик билан бошини сарак-сарак қилиб гапирди Рафиқ.
— Ростми? Олиб чиқ, кўраман.
Рафиқ ичкарига югурди, бир зумдан сўнг найни олиб чиқди. Най чинакам, чиройли най эди Кумушдан ишланган безакларини Йўлчи диққат ва завқ билан узоқ томоша қилди.
— Даданг сотиб олиб бердими? Неча пул туради, биласанми?
— Бир марта аллақанча дуторчилар келиб, кечаси билан бу ерда чалишди. Кейин биттаси менга шу найни бериб кетди. Чалишни билмайман. Катта дадам: «Чалма, сен найчи бўласанми, ёмон кўраман» дейди.;.
— Ҳа, мен чалиб берайми?— кулиб деди Йўлчи.
— Биласизми?
— Оз-моз.
Йўлчи найни лабига қўйиб, бутун завқи билан чала кетди. Най садосининг майин тўлқинлари тип-тиниқ ҳавода ёйиларкан, гўё ҳамма ёқ жонланган каби туюлди.
Ҳайратдан Рафиқнинг кўзлари така-пука эди: «Бу мардикор қандай қилиб чалади!» деб ўйлади шекилли у.
Йўлчи чиндан ҳам най чалишни билар эди ва яхши чалар эди. Ёшликда пода боқиб юрган чоғларида, қамишдан, ҳар хил тоғ ёғочларидан най ясар ва поёнсиз далаларда, қоялар остида, сувлар бўйида чала-чала вақтини ўтказар эди. Илгари катта найчи бўлган, кейин кўздан қолиб, уйга қамалган бир кўкнори ҳамқишлоғидан ҳам бир оз таълим олган эди.
Йўлчи бир куйни битириб: «дурустми?» дегандай Рафиққа кулиб қарар экан, қўрғон эшигидан қизнинг овози янгради:
— Рафиқ, найни ким чалди?
— Йўлчи акам...
— А!.. Ростданми! Алдама!
— Рост, мана қаранг, бошқа ҳеч ким йўқ-ку.
Қиз бир оздан сўнг, бошини икки-уч топқир эшикдан чиқариб, яна яшириниб, аллақандай эрка овоз билан деди:
— Айт, яна чалсин...
Йўлчи бир нафас тараддудланиб, бошқа бир куйни чалди-да, кейин найни болага берди.
У бошига қўлини қўйиб, супага чўзилди. Келгандан буён ҳар куни илк саҳардан ишга тушар, кун қорайганда бўшар, уйқуга сира қонмас эди. Бир чимдим ухлаш учун кўзини юмди. Фақат, бир нафасдан сўнг яна очишга мажбур бўлди, узоқдан қиз қичқирди:
— Ҳой, боққа сув тошиб кетди, тез кириб бўғиб қўйинг!
— Ҳозир-ҳозир...— Йўлчи ирғиб ўрнидан турди ва кетмон олиб югурди. Боққа ташқаридан кириладиган эшикчага етганда, қизнинг болага хитобини эшитди: «Рафиқ, сен супада ўтир, ўткинчилар яна бир нимани илиб кетмасин!..»
Йўлчи боғ ичида айланиб, «қулоқлар»ни кўздан кечирди, ҳеч ерда сув тошиш аломатини кўрмади. Ҳайрон бўлиб, аланглаб юрганда, ишком ораси шитирлаб, қизнинг титроқ, ҳаяжонли овози келди:
— Ана шафтоли тагига оқиб боряпти-ку.
—- Ҳа, шуми?— кулди Йўлчи.— Зарари йўқ, шилдираб оқяпти-ку, опа, шу ҳам тошишми?
Боғдан чиқиш учун бир неча одим юргач, ишком ичида пояга суяниб турган қизга кўзи тушди, уялганидан бир зумда қизариб-бўзариб кетди, кетмонига тикилиб қадамини тезлатди.
— Йўлчибой ака, қаерга қочасиэ, зерикмадингизми ёлғиз?
Йўлчининг юраги қаттиқ уриб, қулоқлари жаранглади, тараддуд ичида тўхтади, лекин орқасига қарамади.
— Мана бу узумни олинг, жуда яхши пишибди, қўлимни қайтарманг!—деди-да, йигитларнинг кўнглини ларзага соладиган шўх, карашмали кулги билан кулди.
Йўлчи бу сўзларни эшитди-да, ўз қулоқларига ишонмади, кўз олди қорайиб, қўрқа-писа атрофга аланглади ва кучли тараддуд ичида ўйлаб қолди: «Ёпирай, бу қандай қиз экан! Уят-ҳаё қани? Бу чиндан тоғамнинг қизимикан, ё бошқа бир... тавба!» Ниҳоят, ички бир туртки, англашилмас бир кучнинг сеҳрли таъсири остида, ғайри шуурий равишда орқага — қиз томонга қайрилди. У оёқларида мадор қолмаган каби, каловланиб ўзидан йигирма қадамча нарида, ишком бошида турган қизнинг ёнига келди ва унинг қўлидан бир катта бош қора узумни олди. Қизариб-бўзарса ҳам, тезроқ қочмоқ истаса ҳам, нимадир уни ушлаб қолди. У, нима дейишни билмай дам узумга, дам уялибгина қизга қаради. Қиз ўн етти-ўн саккизга кирган, ўрта бўйли, бир қадар кенг ва қорамтир юзли, кўкракдор, тўлагина, лўппигина қиз эди, бурни бир оз беўхшовроқ эса-да, лекин унинг умуман юз бичими келишган эди. Бодом қовоқлари остидаги кичик қора кўзлари, қандайдир ноз ва эҳтирос билан ёнади. Йўғон тим қора икки соч ўрими, унинг эгнидаги оппоқ шоҳи кўйлак устидан балқиб турган кўкрак орқали пастга, киндикка қадар тушиб туради. Кўйлак енги тирсакка қадар шимарилган, тиқмачоқдай билакларида илон бошли олтин билагузуклар ёнади. Қалин ток барглари орасидан силжиган қуёш нурлари унинг юзида, сочларида товланиб ўйнайди.
Йўлчи узумдан бир неча донани оғзига ташлади, пешанасида мўл-мўл оққан терни енг учи билан, деҳқончасига артиб, ерга қаради.
Ишком поясига суяниб, йигитдан кўз узмаган қиз, унга далда бериш учун гапира бошлади. Қишлоқдаги «амма»сининг ҳол-аҳволини, тирикчиликни ва бу ердаги иш ҳам одамлар Йўлчига ёқдими, йўқми— шунинг сингариларни сўради. Йўлчи, гоҳ-гоҳ кўзларини ердан узиб, қисқа-қисқа жавоб бериб.турди. Қизнинг товушидан, нафас олишидан, кўкрак титрашидан, унинг эҳтирос ва сирли ҳаяжонда эканини билди ва: «Жуда шўх қиз экан», деб ўйлади. Сўнг уни бирдан қўрқув босди: гўё, аллақандай яширин кўзлар теваракдан уларни пойлаб тургандай сезилди.
Бу содда, самимий, номусли қишлоқи қизнинг сўзларини охиригача эшитишга бардош қилмай, тезроқ қочишга интиларкан, қиз унинг қўлларини оҳистагина ушлади...
— Қўйинг опажон, ишим бор, ҳам яхши эмас...— айни замонда ҳам қалтираб, ҳам ёниб деди Йўлчи...

ИККИНЧИ БОБ

I

Мирзакаримбойнинг қизи Нуринисонинг табиатида енгиллик билан макр устун эди. Уни синамаган баъзи аёллар, енгиллигини кўриб: «Бир қоп ёнғоқдай шалдир-шулдур, қувноқ қиз экан» десалар-да, лекин Нуринисони яқиндан таниганлар у билан ҳар вақт жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилар эдилар. Отасининг давлати, катта оғиз, ҳовлиқма ва такаббур онасининг эркалаши қўшилиб, қизга ортиқча ғурур берган, ҳаракатларига ўзбошимчалик, қилиқларига ноз-карашма бағишлаган эди. Ота ва акаларининг ҳузурида жилла ошиб-тошмаса ҳам, улар йўқ вақтда қиз ўзини «уй боши» ҳисоблар, ҳар бир ишда ўз раъйини ўтказишга астойдил уринар, ўжарлик билан қорани оқ деб исбот қилишга тиришар эди. Унинг қаҳқаҳаси бир лаҳзада аразга айланар, қандай бўлмасин бир баҳона топиб, келинойилари ва ҳатто онаси билан ҳам тез-тез айтишиб олар эди.
Нури кийинишни, безакни севар эди. Зирак, билагузук, зарқокил, қўлтиқтумор, тиллақош зебигардон каби заргарлар тўқиб чиқарган олтин, кумуш безакларга гоят ўч эди, бундай қимматбаҳо буюмлардан қути-қути йиққан... Ҳар ҳайит уч кунгина ясаниб-тусаниб, оғирлиги тахминан бир пудга етадиган ҳалиги безакларини тақиб, унча-мунча бой оила қизларини таажжублантирар, камбағал, ҳатто ўрта ҳол оила қизларини оёқ учи билан кўрсатиб, томоша қилар, «келин кўриш»га юрар эди.
Қизини ер-кўкка ишонмаган, унинг бутун нуқсонларини бир мазият билган онаси Лутфинисо эрининг давлатидан мумкин қадар кўпроқ қўпориб, шу кенжа арзандасига сарф қилиш учун уринар, бу қизни катта шавкат ва дабдаба билан узатишни орзу қилар эди. Шунинг учун кўп йиллардан буён унинг ягона машаққати — қизга безак моллари тайёрлаш, янги нусхалар топтириш, чеварларга тиктириш ва ҳоказодан иборат, қўша-қўша палак, қўша-қўша паранжи, уч-тўрт уйни ясатишга етадиган дорпечлар, гулкўрпалар, чойшаблар, элликлаб қозиқлунги, юзлаб санама рўмоллар сандиқларни тўлдирган бўлса ҳам, бу нарса Лутфинисо ва унинг қизини ҳали қаноатлантирган эмасди.
Нуринисонинг эс-ҳуши эрга тегиш... У икки, балки уч йилдан буён ўз тўйини кутар эди. Бу тўғрида ичкарида хотинлар орасида, кўпдан буён гап-сўз қайнайди, гўё эрта-индин тўй-никоҳ бўладигандай. Келинойлари деярли ҳар куни унга хушхабар топширишади: «Отабой ўртага киши қўйдирибди: кичик ўғлига сизни сўратибди»; ёки «Мусабекларникидан яқинда совчи келармиш. Салим акангиз гапирди, йигит жуда чиройли эмиш...» Нури бундай гапларни бепарволик билан эшитишга уриниб боқарди: «Аяжонимнинг бағрида ўтирибман-да, шошмасалар ҳам бўлар эди». Лекин ичида севинчдан юраги қоқ ёрилаёзар, қулоқлари карнай-сурнай овозларини, «тортишмачоқ» ҳангамаларини эшитгандай бўлар, ортиқ сабр-қарори қолмас, кечалари узоқ ўйлаб ширин хаёл қанотларида учар, сирли кечинмаларга шўнғир эди. Фақат, келинойиларининг хабари бир неча кун ичида бирдан йўққа чиқарди, улар энди бошқа бир бойвачча гўғрисида шивир-шивир гаплаша бошлашарди...
Мирзакаримбой қизини севса-да, «мусулмон ота» ва «улуғвор эркак» бўлгани учун, у билан кўп гаплашмас, «болам-бўтам» деб баъзи юмушларни буюрар эди, холос. Қизни улғайтирмасдан, ўн уч, ўн тўртда эрга бериш — ҳар бир мусулмон ота учун «фарз» эканини яхши билар, қизининг ёши ўн саккизга етиб қолганидан баъзи вақт кўнгли хира бўлар эди. Лекин биринчи куёвнинг феъл-атвори унга маъқул тушмагани учун, куёв бўлажак йигитни ҳар ёқлама текширишни, синашни истар эди: йигит бой ва обрўли оиладан бўлиши билан баравар, ақл ҳам назокат соҳиби бўлсин!.. Унча-мунча бойваччаларни чол назар-писанд қилмайди. Баъзан йигит унга ёқса, ўғилларига маъқул тушмайди. Ўғилларига ёққан куёвдан ё унинг оиласидан Мирзакаримбойнинг ўзи бирон қусур топади.
Акаларининг меҳмонларига, боғ ва шаҳар ҳовлисига қатнаб юрувчи дўстларига ва умуман йигитларга, шароитга кўра, гоҳ эшик тирқишидан, гоҳ девор орқали, гоҳ дарахтлар орасидан мўралашни севган Нуринисо, Йўлчи бу ерда ишларкан, уни ҳам узоқ-яқиндан кўп марта кўришга муваффақ бўлган, у қомати келишган ёш йигитга ўз юрагида кучли бир интилиш сезган эди. Кейин бир неча кун ўйлаб Йўлчи билан махфий учрашувга қарор қилди. Бу орзу кундан-кун кучайса ҳам, ўнғай фурсатни кутди. Ниҳоят, уйда ёлғиз қолган кун ўз орзусини жуда усталик билан амалга оширди.
Нуринисо боғда, ишком ичида Йўлчи билан учрашиб, унинг кучли қўлларига бир зум ўзини ташлаб, қучоқлаш, ўпишга уятчан, содда йигитни мажбур этгач, бундан сўнг унинг хаёли камбағал, унутилган қишлоқи амманинг ўғлига боғланди. Лекик учрашувни такрорлаш мумкин бўлмади. Чунки эртасига Йўлчи катта ерга жўнади. Мана ҳозир икки ҳафтадан буён Нури хафа, Йўлчининг яқин ўртада қайтишига ишонмайди. Катта ерга бориш у учун мумкин эмас. У баъзан онасига дейди: «Ойи, аммам боёқишнинг ўғлини дадам мусофирлар, мардикорлар орасига қўшиб қўйди. Дадамда сира инсоф йўқ-да. Ўз уруғини шу ерда ишлатса ҳам бўларди. Нима кўп — иш кўп ..» Қизининг ички мақсадидан бехабар она лоқайд жавоб беради: «Ихтиёр мендами? Ўз уруғи, қаерда ишлатса даданг ўзи билади болам», ёки «Унақа бемаза уруғларнинг узоқда тургани тузук. Унинг нимаси ортиқча? Ишлагани келган экан, ишласин...»
Йўлчи далага — катта ерга келган кундан бошлаб, бундаги қароллар, мардикорлар билан опоқ-чопоқ бўлиб кетди. У мулойим табиати, соддалиги, оз бўлса ҳам, мазали, маънили гапи, куч-қуввати билан одамларга ёқди. Ёрмат эса Йўлчини ўз қўлтиғига олиб, бошқаларга қарши қўйишни истар эди. Чунки бу ерда қарол ва мардикорлар у билан яхши чиқиша олмас эдилар. Ёрмат улар билан бирга яшаб, бирга ошаб, бирга ишласа-да, уларга тўнг муомала қилиб, ўзини хўжайиннинг содиқ вакили сифатида кўрсатганидан, ҳаммага ёт кўринар эди. Улар Ёрматнинг кўз олдида унга қарши бир нима демасалар ҳам, орқаворатдан уни масхаралашар, ҳатто сўкишар эди: «Хўжайиннинг лайчаси-ку, бурнини бир қариш кўтарганига ҳайронмиз...»
Йўлчи чакки одамларни топмади. Ёрматнинг ҳақсиз еканига ишончи кундан-кун ортди.
Ёрмат бу ерда доимий яшамас эди. Уч-тўрт кун ишлаб, жўнаб кетар, яна тез қайтиб келар эди. У озиқ-овқат билан баравар, хўжайиндан ҳар хил буйруқларни келтирар эди. Буйруқларнинг кўпини хизматкорлар Ёрматнинг ўзи тўқиганига ишонардилар.
Йўлчи ўз ҳамқурлари билан бирга тонг шабадасида ишга тушар, қуёш тик келганда овқатланиб, то қоронғилик тушгунча яна меҳнат қилар эди. Баъзи вақтда суғориш пайтларида, кечалари ҳам тиними бўлмас, сувни узоқдан ҳайдаб келишга тўғри келар эди. Йўлчи баъзан ёлғиз, баъзан ўз ёнига бировни ҳамроҳ қилиб қанча жар, қанча тўғон ва қулоқларни кезиб, сув келтирар эди.
Сув тинчлик билан келмайди. Сув ўз йўлида бир неча ерда шовқин-сурон, ур-сур кўтаради. Сув тепасида одамлар ўт бўлиб ёнади, бошқа вақтларда энг сокин, энг ҳалим одамлар, сув бошида жанжал чиқса, сўз ва далил ўрнига мушт билан, кетмон кўтариш билан иш кўришга тиришадилар. Лекин Йўлчи сув жанжалини жуда ёмон кўрар эди. Мироблар билан оғиз-бурун ўпишган катта ерлилар, бой деҳқонлар зўравонлигидан, экини қуриб қақраган камбағал деҳқонларга дўқ қилиб, ғалва кўтаришдан нафратланар эди. Бир кун у сувни камбағал деҳқонга бериб, ўзи кейинроқ олмоқчи бўлиб қайтганда, Ёрмат уни одамлар олдида бўш-баёвликда айблади.
— Йигит серзарда бўлиши, йиқилса ер тишлаб туриши керак. Бу нима, оғиздаги ошни бировга олдириш? Бўйрадай жойга шолғом эккан одамга ҳам сувми!.. Эҳ-ҳе, пахтамизга қанча пул сарф бўлди, буни тушуниш керак...
Йўлчи пинагини бузмай, одатда гапиргандай, деди:
— Ҳечқиси йўқ, бечора одам экан, дуосини олай дедим. Икки ҳафтадан бери сув ололмай хуноб экан.
— Балли,— қовоғини солиб деди Ёрмат,— олтин олма, дуо ол, деган қадимгиларнинг сўзи бор. Лекин дуо оламан деб хўжайинга зарар етказиш ярамайди.
— Бир оздан кейин суғорсак, нима зарар бўлади?— Йўлчи ўқрайиб қаради Ёрматга,— ҳеч бир!.. Бир бечоранинг экини қовжираса дурустми? Балки у одам бутун бола-чақаси билан экинига кўз тикиб ётгандир, экини битмаса, оч қолар, яланғоч қолар... Биз сувга серобмиз, деҳқон чанқоқ, жуда чанқоқ.
— Сув ҳозирги кунда танқис, ҳарна олдинроқ келгани яхши. Бой отам ерга кўп пул тўкди-я.
Йўлчи индамасдан тескари бурилиб ўтирди. Фақат, бунда мардикор ишловчи қашқарлик Алиохун чидай олмади шекилли, оғзига янги солган носвойини туплаб, сўлагини сийрак соқолларидан чўзилтириб, тажанг гапирди:
— Сизни эгам сўзга пичиб қўйган экан-да. Сув худойимнинг мулкими? Халойиқ текис ичади. Мен билсам, бойнинг пахтаси сувни ортиқ ичиб турибди.
— Ўлма, Алиохун, сўзингда битта хато бўлса, Оппоқхўжам урсин!— деб қичқирди бир мардикор.
Ўжар Ёрмат таслим бўлишни истамади, минғиллайверди. Шу вақтгача бошини эгиб, хомуш ўтирган қарол Шоқосим қаддини ростлади ва ўшшайиб, титраб гапирди:
— Биздан Мирзакаримбой ҳеч вақт зарар кўргани йўқ. Пахта йилдан-йилга мўл бўлиб, фойдаси ҳам ошиб турибди. Бўлмаса, пахтани бунчалик кенгайтирмас эди хўжайин. Мана, Ҳакимбойваччанинг овозаси оламни тутади, нимадан? Инсоф билан гапирганда, Ёрмат ака, бизга ўхшаш хизматкорларнинг шўри қуриди. Ўзингиз биласиз, тўрт йилдан бери бу ерда ишлайман, тиним йўқ, ишдан бошим чиқмайди. Лекин ҳали ҳам бир чопоним икки бўлмади. Ҳали ҳам қиш-ёз битта чориқни судрайман. Мана, хотиним ётиб қолди, ёстиқдан бошини узишга дармони йўқ. Киссамда сариқ чақа йўқки, бечоранинг оғзига ёқар овқат берсам... Дуруст, хўжайин беради, лекин қарзга... Қарзга йўлиққандан кўра, балойи ногаҳонга йўлиққан яхши. Ҳаммасини синадик. Хотинимни ҳам камбағаллик йиқитди, бу ердаги оғир иш нобуд қилди. Бу томонларга андак фикр юргизиб, кейин гапиринг, Ёрмат ака.
Ҳамма бир нафас жим қолди. Ҳамма ўз ярасининг ёрилганини сезгандай бўлди. Шоқосим ўрнидан турди, этигининг чангини қоқиб, кетмонни елкага олиб, ўз чайласи томон аста жўнади. Ёрмат ҳам унинг сўзидан таъсирланган каби, орқасидан ғамгин тикилиб қаради-да, деди:
— Ҳар ҳолда фиғон-нола яхши эмас, ҳар банда қудрат қалами билан ёзилганни кўради. Дунё ўзи шундай яратилган. Йўлчи, чироғим, сувни тезлатинг!

II

Ёзиинг кучи кетиб, ҳаво бир оз салқинланган бўлса ҳам, шамолсиз кунларда қуёш тик келгач, ҳали ҳам кишининг бошидан олов қуйган каби куйдирар эди. Манглайини рўмолча билан боғлаб, яланғоч ҳолда кетмон ураётган Йўлчи билан ёнма-ён ишловчи Алиохун кенг, қаҳва ранг юзидан терларини артиб, ҳарсиллаб:
— Қоринда ҳеч нима қолмади. Йўлчи полвон, хотин талоқ Ёрматинг бизни ўлдирмоқчи шекилли. Пиримнинг ҳаққи, шу келди-ю, ошдан, нондан барака кетди,—деди.
— Пича вақт бор ҳали, Охун.
— Йўқ, вақт ўтди, қорнимнинг ўзи яхши соат, тўғри кўрсатиб турибди.
Улар яна ярим соат ишлаб, кетмонларини елкага солиб пахтазордан қайтишди. Бой ерининг юқорисида, баландгина бир парча саҳн хизматкор ва мардикорларнинг қўшхонаси эди. Бу жойдан бойнинг бутун пахта даласи кўзга ташланиб турарди. Беш туп катта жийда дарахти бу ерга ҳар вақт қалин соя ташлар, ишдан ҳориб-толиб келганларга ўз салқини, шабадаси билан бирпасгина ором бағишларди.
Алиохун ҳам кўрпаси, ҳам чопони бўлган жулдурни жийда бутоқлари орасидан олиб, пичан устига солди ва оёқларини кенг ёйиб, қўлини ёстиқ қилиб чўзилди. Бир неча минутдан сўнг туриб, кир, мой босган қатирма дўпписи ичидан тўғналган игнани олди, қаердандир ип топиб, эски серямоқ кўйлагининг йиртиғини тикишга ўтирди. Йўлчи унинг ёнига чўққайиб, «чевар»нинг ишини томоша қила бошлади. Ёшгина қирғиз йигит Ўроз ва бошқа мардикорлар ҳам келишди. Ҳар қайсиси ҳар тарафда чўзилди. Баъзилари сўзлашга ҳам мадорсиз каби жимгина мудради. Ўроз ҳар кунги одати бўйича, жийдага суяниб, ўзи ясаган кичкина дўмбирасини чала кетди. Йўлчи ҳаммадан кўра бу қирғизни кўпроқ севарди, унинг дўмбирасини завқ билан тинглар, аксар кечалари у билан суҳбатлашар эди.
Бундан саккиз йил аввал, у ўн етти яшар ўспирин экан, «Қарқара»га қатновчи бир қўйчи бой, йилига саккиз сўмдан ёллаб, Тошкентга келтирган. Бойникида уч йил ишлаган, лекин бутун маҳрумиятларга кўникса ҳам, таёққа чидай олмаган. Ўз юртига қайтишга бир йил қолганда, хўжайини билан аччиқлашиб, бошқа бир ер эгасига қарол ёлланган. Янги хўжайинда ҳам икки йил ишлаб, ажралишга мажбур бўлган. Сўнг яна бир неча бойларда саргардон кезган. Юртига қайтишга имкон топа олмагач, ниҳоят, ўтган йил Мирзакаримбойга қарол бўлиб ёлланган, уст-боши кир, увада бўлишига қарамай, чиройли, хуш-феъл, ёқимтой йигит эди. Қовоқлари ва бир қадар йирик юз ёноқларининг фарқига бормаган одам, уни асло қирғиз демас, «сартча»ни жуда яхши гапирар эди.
У Алиохунга тегажаклик қилишни яхши кўргани учун, дўмбирасини чертиб-чертиб, гап отади:
— Алиохун, ҳаммамизга бир кампир керак эди, яхши бўлибди, ўз ичимиздан чиқди. Чолворимни ямаб берасиз-да!
Кетмон тутишга одатланган дағал қўллар, игна ушлашга, қатим тортишга келишмаганидан диққати ошган Охун бир кўзини қисиб, тикишда давом этаркан, товуши шанғиллайди.
— Сен ҳали гўдаксан, очиб юравер... Мусофирчилик қурсин, жонга тегди. Тикмасам кўйлакдан ажраламан... Камбағаллик кишини юртдан юртга судрайди. Беш-ўн қоғозни белимга тугиб, уст-бошимни бут қилиб, юртимга ўйнаб кетай дегандим, ниятга етолмай турибман. Ғариблик қурсин, ўз шаҳримда игна ушламагандим. Ҳеч вақт, азбаройи худо. Қизил гулдай хотиним қолди... Воҳ, воҳ, пешанам. Қизил гулдай...— Охун пешанасига шартта уриб давом этди.— Ёдимга тушса, жигарим хун бўлади.., Ўрозбой, шамол сени саҳродан учирган, унда ниманг қолди?
— Хотин чиндан борми, ё анчайин ҳангамами?— кулиб деди Ўроз.
Охун: «Наҳотки, ёлгон сўзласам!» дегандай лабини буриб, ўртоқларча ўқрайиб қаради Ўрозга:
— Айтдим-ку, хумсо, қизил гулдай. Қашқирнинг қизи, жувони олмадай бўлади. Сен саҳро болага сўзни уқтириш ҳам қийин...
— Мингта қалъадан далам яхши, Охун. Бизнинг қизларимиз ҳам жуда шўх бўлади. Сўз билан, ноз билан, ҳангама билан йигитларнинг кўкрагига ўт солади қирғиз қизлари. Мен далада ҳар кун қизлар, келинчаклар орасида юрардим, Ёш бўлсам ҳам, севганнм бор эди. Жуда сулув қиз, ўланчи қиз. Энди эрга тегиб, олди-кети болалар билан тўлгандир. Овулдан чиқар кун кечаси далага чиқиб, икковимиз талай вақтгача қучоқлашиб ўтирдик. У йиғлади, мен йиғладим. Қолишга чора йўқ. Отам мени бойга сотиб, ақчани олган, уларга овқат, кийим керак... Жўнаймиз, Охун, сен Қашқарга, мен «Қарқара»га...
— Йўл йўқ девона, пиёда жўнайсанми?
— Ҳамма гап пулда экан, Охун,— тошкентлик бир индамас мардикор сўзга аралашди,— мен ўттиз қироннинг юртини кўрмадим, лекин оқподшоҳнинг ўттиз шаҳрини кездим. Бир вақтлар саёқ йигитларга қўшилиб қолгандим-да. Саёқ учун икки дунё бир қадам. Шоҳмашраб ҳам шундай эканлар: кечқурун бир шаҳардан чиқсалар, эрталаб бошқа бир шаҳарнинг дарвозасидан кирар эканлар.
— У киши авлиё-да,— шақиллаб қайнаган катта қора қумғонни келтирган Ёрмат унинг сўзини кесди,— Шоҳмашраб йўлга чиқсалар, худонинг қудрати билан ернинг таноби тортилиб, йўл қисқарар экан.
— Нега мен учун ернинг танобини тортиб, йўлни қисқартирмайди!— Ўроз қичқирди.
— Бу замонда пулдорлар учун ернинг таноби тортилган,— сўзини давом эттирди ҳалиги мардикор.— Кўп жойни кўрдим. Пулдорга саҳроям бамисоли жаннат. Сенлар юртларингни мақтайсанлар, юртларингда тўқ бўлсаларинг, бу ерга келармидинглар? Ростми? Мана мен тошкентликман. Бундан нима фойда? Пулим бўлса, ҳар қаерда гаштимни қиламан. Ўттиз тўртга кирдим, ҳали уйланганим йўқ. Паранжи кўрсам, эсим оғади. Кампир энам қиз қидира-қидира тинкаси қуриди. Қайси эшикка бош тиқса, сўрашармиш: савдогарми, боғи борми, уй-жойи борми? Мардикорни, хизматкорни, косибни одам ўрнида кўришмайди бу замонда...
— Аҳли савдогар юртнинг гули бўлди, ука!—деди Ёрмат.
— Бизлар юртнинг тиканими?—деди Йўлчи.
— Қани, чой ичайлик, иш қолмасин, кечқурун гаплашаверасанлар, оғиз, қулоқ сенларники...— қопдан ясалган бир дастурхонни Ёрмат ўртага ёзди. Алиохун ўрнидан туриб кенг, сертук кўкрагини қавартириб, керишди, бармоқларини қисирлатди ва жимжит мудраган узоқликларга кўзини тикиб, янгроқ овозини баланд қўйиб бирдан куйлаб юборди.

Мен сафарга чиққанда
Ер эшигида қолган.
«Қачон кэласан, ёр?» дап
Қора кўзга ёш олган.

Кунда кўрмадим ёрни,
Кунида кўрарман дап.
Умид узмадим ёрдин,
Ўлмасам суярман дап...

Одамлар жонланди. Баъзилари чиндан, баъзилари эса ҳазил-мутойиба билан Охуннинг товушини мақташди.
Содда ва самимий ҳангома билан чой ичилар экан, дарахтлар орқасидан ҳўнграб йиғлаган товуш эшитилди. Ўтирганлар ҳайрат билан у томонга боқишди. Йиғидан кўзлари, қовоқлари қизариб шишган Шоқосим етиб келди.
— Вафот қилди, жонкашим, дардкашим. Ҳозир қўлимда жон берди. Ҳолимга вой!
Ҳамманинг ҳалқумини изтироб бўғди, оғзидаги нонни ютишни ҳам, ташлашни ҳам билишмай қолди. Бир минут қадар чўзилган сукунатдан сўнг Йўлчи, Алиохун ва бошқалар Шоқосимга таъзия билдириб, уни юпатишга тиришдилар.
— Ота-онасига хабар беринг тезроқ,— маслаҳат берди Йўлчи.
— Бечоранинг ҳеч кими йўқ, етим қиз эди. Икки ғариб бир ёқадан бош чиқарган эдик.— Яна қаттиқроқ йиғлаб юборди Шоқосим ва йиғи аралаш Ёрматга ялинди: — Энди хўжайиндан бир оз пул қарз келтириб беринг. Бу кун шомгача ўз маконига элтиб қўяйлик. Чайлада, ёш боланинг олдида жасадни сақлаш қийин.
— Кун иссиқ, эртага қолдириб бўлмайди...— деди Ўроз. Ёрмат катта мушкулот қаршисида қолган одам каби, бошини тебратиб бир тутам соқолини юла бошлади.
— Хўжайинлар шаҳарда,— деди у одамларга қараб,— шаҳар бориб келгунимча — кун тамом. Бугун кўмишга улгура олмасмиз...
— Хўжайиннинг аёлларида пул топилиб қолар,— деди Йўлчи куюниб,— ё сиз, ё ман ғизиллаб борсак...
— Уларда пул бўлади, биламан. Лекин аёлларнинг феъли тор. Кафанликка дока беришса ҳам катта гап,— деди минғирлаб Ёрмат.
— Бир бечора ошнамизни қарзга ботираверамизми?— бўғилиб қичқирди Охун ва одамларни бир-бир кўздан кечириб давом этди. — Ўликни кўмиб келиш қийин эмас, лекин йўғон чиқимлари кейин келади, биласанлар. Ҳали Шоқосим кўп қарз сўрайди. Ҳозир унга беш-олти сўм кифоя: гўрковга икки сўлкавой, домла имомга икки қоғоз, юғувчига бир сўм. Иш тамом.
— Ош-сув қилмасам бўлмайди, Охун ака!—деди Шоқосим,— шўрлик хотин дунёда нима кўрди. Жилла бўлмаса ўлигини одамдай кўмай, арвоҳи қувонсин!
— Кейин қиласан!— Охун одамларга орқасини ўгирди. Жулдур чопонини тимирскилаб, у ёқ-бу ёғини ағдариб, уч сўмлик шалдироқ қоғоз олиб ўртага ташлади ва ўрнидан туриб қаёққадир кетди.
Охуннинг шафқатига ҳамма чуқур сезги билан қаради, бу ҳис уларнинг кўзларида, юзларида равшан мавжланди. Қирғиз Ўроз белбоғига маҳкам чандиб тугилган биттагина сўлкавойни (ким билади, буни қачонлардан бери сақлаб келган у) чиқариб, секингина ташлади.
— Ҳаммага пул керак, ўлик ҳам пул билан юради,— деди тошкентлик мардикор ва иштонининг липасига қистирилган бир бўз халтачани — ҳамённи олиб, танга, чақа аралаш бир сўмни санаб тўкди.
Йўлчи шу чоғда қанча ақчаси бўлса ҳам беришга тайёр эди, лекин ёнида бир сийқа тийини йўқ эди. Пул берган ўртоқларини қучоқлаб ўпгиси келди, улар шу топда дунёда энг ҳимматли, энг қадрдон, энг меҳрибон одамлар бўлиб туюлди. Кўзларига қуюлиб кела бошлаган томчиларни яшириш учун бошини қуйи солди.
Ёрмат ўртадан пулни йиғиб олиб, кафтида қисди:
— Қолган хизмат биздан бўлсин, дарров ашқол-дашқолни тайёрлайман. Чойни ичиб, сизлар ишга тушинглар. Жўна, Шоқосим, чайлангга! Ҳозир атрофдан аёлларни топиб олиб бораман. Уларсиз иш битмайди.
— Яхшиликларингни икки дунёда унутмайман сира! Азаларингга эмас, тўйларингга ёрдам қилай!— Шоқосим ўз чайласига югурди.
Кечки овқат олдида, ним қоронғиликда, қарол ва мардикорлар тиз чўкиб, қўлларини қовуштириб ўтиришди, уларнинг бошлари эгилган эди. Йўлчи ёшликда онасидан ўрганган қисқа бир сурани ўз билганича қироат билан ўқиди. Ҳамма қўл очиб марҳуманинг руҳига бағишлади. Овқат устида ҳеч ким ортиқча сўз сўзламади. Фақат кимдир, шундай деди:
— Покиза аёл экан. Гўри нақ саройдай кенг-катта очилибди...

III

Қуёш ботганига анчагина бўлган. Қоронғилик қуюқлаша борар, кўкдаги юлдузлар чамани ҳам борган сайин ёрқинроқ чақнар, ҳаво баданга сезиларли совир эди.
Далада ишнинг тиғиз вақти ўтгани учун мардикорларга бундан бир неча кун илгари жавоб берилган, пахта теримига қадар қилинажак ишлар Йўлчи, Ўроз ҳам Шоқосимга юклатилган эди.
Йўлчи жийданинг остига пичанни қалинроқ ёйиб, устига чопонини қия ташлаб ётди. Ўроз дарахтга суяниб дўмбирасини чертар эди. Кечанинг жимжитлигида дўмбира мунгли, йиғлагансимон жаранглар эди.
Қани бир най бўлса, Йўлчи ҳам чалса-да, бутун кўнгил қайғуларини, оила ўчоғидан айрилган ғариб, танҳо руҳнинг тўлқинларини кечанинг сукут тўла оғушига қуйса...
Най тўғрисида ўйлар экан, тоғасининг қизи Нуринисо ва у кунги учрашув ёдига тушди. Воқеа бутун тафсилотн билан унинг хаёлида жонланаркан, йигитликнинг шўх ҳаваслари юракда бир лаҳза чайқалиб кетди, у илжайиб қўйди. Лекин шу вақтгача бирон марта уни эсламаган эди. У кун Нуринисонинг ҳийласига илиниб, шоҳи кўйлак ичида балқиган юмшоқ, қизғин баданни ўз қучоғига бир лаҳза, олишга мажбур бўлиб, сўнг қочаркан, уни бир неча соат қўрқув ва сирли, ширин ҳаяжон қучса ҳам, кейин тезда кўнгли совиган эди: «Бу ҳийлакор қиз, жуда қув қиз. Мени севмайди юракдан. У ёлғиз эрсираб қолган. Унга ўйин керак. «Тенг — тенги билан, тезак — қопи билан». Мирзакаримбойнинг қизи билан менинг ошиқ-маъшуқлигим эртакка ҳам сиғмайди...» деб ўйлаган эди Йўлчи. Аммо унинг қалби гоҳ-гоҳ бошқа бир қиз ёди билан тўлиб-тошар эди. У, Йўлчи қуёшнинг олов селида чўмилиб, тўнка кавлар экан, учраган камбағал қиз, узоқдан унга қайрилиб боқиб, соф, содда, самимий табассум бахш этган гўзал қиз!..
Йўлчи ҳозир Нуринисо билан бўлган учрашувни эсларкан, юраги, хаёли, ўйи яна ўша бегона қизга боғланди. Бир зум қараш билан юракка нақшланган унинг чеҳрасини яна кўз олдида жонлантиришга тиришди ва: «Кимнинг қизи у? Яна кўрармиканман?» деб ўз-ўзидан сўради.
— Шоқосим нашани урди, ҳидини қара, бутун далани тутди-я, бай-бай... пуҳу...— дўмбирани тўхтатиб гапирди Ўроз.
Салқин шамол паст томондан, Шоқосимнинг чайласи томондан, нашанинг чучмал, қўланса ҳидини келтирар эди. Йўлчи Ўроз томонга бир ағдарилиб сўради:
— Илгариям чекармиди? Нега чекади?
— Нега эмиш! Аҳволи танг. Камбағалчилик.... Яна бунинг устига хотиндан айрилди...
— Чакки қилади Шоқосим ака. Наша бир куни уни расво этади.
— Йўлчи, мана эрта-индин қиш келади, тўрт яшар ўғилчаси билан нима қилади у?
— Наша аҳволини ўнглайдими! Қийинчиликдан қўрқиш керак эмас, дадил бўлиш керак. Тўғри йўл — шу.
Иккиси ҳам жим бўлди. Қоронғилик орасидан бир отлиқ келиб чиқди.
— Шундамисизлар? Иш қалай?— Ёрматнинг товуши янгради.
Отни дарахтга боғлаб Ёрмат келиб ўтирди. Атрофдан биронта тарвуз топиб келтириш учун Ўрозга ялинди. Кейин Йўлчига янги хабарни, тўғриси, хўжайиннинг янги буйруғини билдирди:
— Тантибойваччаникига борамиз эртага. У киши хўжаниннинг куёви бўлади. Жуда хўроз одам. Кўрсангиз ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз. Асли оти Мир Исҳоқбойвачча, лекин Тантибойвачча деб от олган. Сизни у ерга элтаман-да, ўзим қайтаман.
— Ҳамиша ўша ерда қоламанми?— иккиланиб сўради Йўлчи.
— Йўғ-э... ҳашарга борасиз, бир қанча кун. Ери ҳам яқин, биздан бир оз пастроқда. Бой отанинг буйруғи, ука.
Йўлчи «маъқул» деди. Ўроз, қаердандир, катта тарвуз келтириб, ўртага қўйди.
— Енг,— деди у Ёрматни туртиб,— бизларга тўғри келмайди, қорнимиз оч...
— Нима, озиқ битдими, қозон осмадингларми?
— Қозон қайнатишга сувдан бошқа нарсалар керак бўладими? Ё ошқовоқдан мой чиқарсакмикаи, Ёрмат ака!— деди кинояли кулиш билан Йўлчи.
Ёрмат ҳеч нима демади. Ҳар вақт мақтайдигап пичоғини қинидан суғуриб, тарвузни кесди. Бир палласиии ўзи олиб, иккинчи паллани Йўлчи ва Ўроз олдига қўйди.
Кеча сукутини ноғора ва чирманда садоси бирдан бузиб юборди. У жуда яқиндан, гўё бой ерининг этагидан келгандай туюлди Йўлчига. Ёрмат пичоқ учига илган гарвузни оғзига отмай, қулоқ солиб мўлжаллади.
— Тўғон чавандозникида эмасми, Ўроз?
— Аниқ ўшаникида.
— Чавандоз қурғур дунёнинг завқини билади-да,— ҳасадланиб гапирди Ёрмат.— Тўғон чзвандоз деганимиз шундай одамки, Йўлчи, умрини улоқ, эиёфат, базмда ўтказиб келади. Қанча марта бели, қобирғаси синган, оёқлари мажақланган: жамиси улоқдан... Юзи ҳам тиртиқ-миртиқ. Бу ҳам улоқдан. Қирқта жўраси бор, ҳаммаси серзавқ, юраги ўғитли одамлар. Мана ўшаларники...
— Давлати каттадир?—деди Йўлчи бепарволик билан. Ўроз жавоб берди:
— Ер-сув кўп, хизматкор ундан кўп, ҳар куни бозорга беш-ўн арава юк туширади... яна унга нима керак? Яхши танийман уни. Эски хўжайиннинг ошнаси эди. Хизматкорлари овқатдан толиқмайди. Лекин, чавандознинг жаҳли чиқса, хизматкорларни тутиб ураверади, ёшми, қарими, суриштирмайди. Шунинг учун одамлар унда узоқ ишламайди...
— Катта кўппак денг,— деди Йўлчи.
Базм борган сари қизимоқда, чирманда гумбурига қўшилиб, ялпи қийқириқлар эшитила бошлади. Ёрмат тарвузни тугатиб, тўсатдан таклиф қилди:
— Борамизми? Ростини айтсам, учиб кетгим келяпти.
— Гуруч орасида курмак бўламизми?— эътироз қилди Йўлчи.
— Борасанми, Ўроз?..
— Йўқ!
— Йўлчи, юр, ука, менга ҳамроҳ бўл! Бир четда ўтириб томоша қиламиз. Қирғизга дўмбира бўлса бас. Шошма, синдираман уни.— Ёрмат ўрнидан туриб, Йўлчининг қўлидан судради.
Жуда яқин туюлган базмга етиш учун хийла йўл юришди. Илгарилашган сари базмнинг бутун дабдабаси аниқроқ сезилиб, Ёрматни безовта қилаверди.
Катта дарвозадан кириш биланоқ у Йўлчидан айрилди.
Кенг, ёп-ёруғ саҳнда йигитларга юмуш буюриб, кўксини жўрттага баланд кўтарган, якка кифт, гердайган, суякдор, бўйчан, хунуккина одам — чавандозга дуч келди, қўл узатиб кўришмоқчи бўлди. Лекин Ёрматнинг қўли муаллақ қолди, такаббур чавандоз пайқамагандай туртиб ўтиб кетди. Фақат, Ёрмат ҳеч қандай қисилиш, саросималик сезмади, бўйнини чўзиб, у ёқ-бу ёққа аланглади-да, одамлар орасини ёриб кирди, даврадан жой топиб, енгини шимариб чапак чала кетди.
Йўлчи йўғон теракка суяниб, тек туриб даврани қуршаган одамлар орқасидан томоша қила бошлади.
Базм бутун шавкати, бутун анъана ва одати, наҳший сурони билан давом зтади. Юзларча одам сиқилиб, чор бурчак ташкил қилиб ўтиришади. Буларнинг орқасида тек турган одамлар, бир-бирларига занжир билан боғланиб қўйилган каби, зич ва тиғиз. Булар орасида йигитлар, кексалар, болалар бор, ҳаммалари атрофдан келган томошабинлар.
Ноғорачилар ва чирмандакашлар терлаб-пишиб, ўзларини унутаёзган каби, кескин сачраб, кескин тўлғаниб, гоҳ қийшайиб, гоҳ кескин силкиниб чаладилар. Давра қуриб ўтирган базмчиларнинг ҳаракатлари, қилиқлари, бўғиқ нидоларини тавсифлашга тил кифоя килмайди!.. Чапакка чидаган қўлларга, шарт-шарт савашларга бардош берган кўкракларга балли! Ўртада ўн олти-ўн етти яшар бачча ўйнайди. У рангсиз, хипча, «текисгина», яна тўғрироғи, «попукдай» бола... Унинг устида янги, ярқираб ёқабеқасам тўн, кўк шоҳи белбоғни пастроқ боғлаган. Оёқларида бежирим хром этик. У юмшоқ гиламларда енгил учади.
Атрофда бир тўп йигитлар шошиб-пишиб, бақириб-чақириб ҳар хил юмушларни бажаришади. Дарахтларга осилган катта лампалар кўзни қамаштиради. Бир томонда «чарс-чурс» билан гулхан ёнади, у баъзан жуда баланд алангаланиб, кечанинг чексиз қора оғушидан катта нур ўпқини ёради. Дарахтларда енгил олов пардаси титрайди.
Ноғора чўпининг тез урилиши, баччанинг чир айланиши ва кучли, ялпи қийқириқ билан базмнинг биринчи қисми тугади. Одамлар бирпасгина ёйилиб, ҳой-ҳуй билан қирилган, қақраган ҳалқумларини ҳўллаша бошладилар. Бир кеча минутдан сўнг ўртага чиройли бир «қиз» тушди. Ноғора ва чирмандалар аввалгидан кўра оҳистароқ, енгилроқ чалинди. «Қиз» аёлларга хос ноз ва қилиқ билан рақс эта бошлади. Эгнида узун қизил шоҳи кўйлак, кимхоб нимча, бошида шафтоли ранг ёрқин товланган ипак дуррача. Майда ўрилган қора, узун кокиллар белига тушади, енгил йўрғалаган сари ёйилиб силкинади. Бу «қиз» ҳалиги бачча эди. Йўлчи ўз ичида: «Вой шайтонлар, роса ўхшатибди қизга!» деди-да, жимгина томошага берилди. Ногаҳон даврада бир нима «панг» етди. Кескин, қулоқни битирувчи бир товуш! Ҳамма бирваракай ўрнидан сакради, арининг уясига чўп тиқилгандай, дув кўтарилди, кўзлар ола-кула. Ҳамма уст-ма-уст қулашиб, пароканда бўлди, ўртада киши оз қолди, «қиз» — бачча йиқила-қўпа қочиб, ўзини ҳовузга отди. Чакмон кийган, йўғон, юмалоқ, қорагина одам қўлидаги тўппончани маҳкам ушлаган ҳолда гандираклаб, сўкиниб, ҳовуз лабида «овини» қидира бошлади.
— Отманг, қутқаринглар!—Садо дарахтлар билан қуршалган ҳовузда янгради.
Йўлчи бир сакрашда зўравоннинг олдига борди, тўппонча тутган қўлни маҳкам сиқиб, орқага қайирди. Тўппонч» «шақ» этиб ерга тушди. У киши сўкиниб, бутун кучи ва ғазаби билан Йўлчидан қутулишга тиришди.
— Кимсан ўзинг, саниям отаман, қўшмозор қиламан қўйвор!— тўппончани олиш ниятида типирчиланди. Йўлчи уни маҳкам қучоқлаб кўтариб, бир қанча қадам нарига елтиб ташлади. Сўнг чавандоз ва бошқа жўралар ялиниб-ёлвориб, ниҳоят, уни бир ёққа судраб кетишди.
Одамлар тўпланишиб, бир-бирларидан сўрашади:
— Ёпирай, нима бўлди?
— Баччага аччиқ қилди-да. Ўзи маст ҳам тез одам, маълум-ку.
— Ажали етмаган экан, бола бечора соғ қолди...
— Нақ бошимдан ошириб отди. Тупроққўрғондаги тўпдай гумбурлади савил...
Йўлчи қўлини белига тираб, бир четда сокин тураркаи, Ёрмат зарда билан туртди:
— Юринг энди, жўнаймиз!
Йўлчи унга хўмрайиб қаради-да, изидан жўнади, бир қанча минут иккиси жим кетди. Сўнг Ёрмат асабийланиб деди:
— Одам деган ҳар нимага аралашавермайди. Қаерда ғалва қўпса, қочаверинг: оч қорним, тинч қулоғим. Кимни ҳимоя қиласиз? Бир баччаними? Узингизни отиб қўйса, иш нима бўлар эди?
— Ёрмат ака, инсоф қилинг,— бепарволик билан жавоб бера бошлади Йўлчи,— бир қутурган маст одам кўз олдимда кишини отиб ўлдирмоқчи бўлса, мен қараб турайми? Бу одамгарчилик эмас. Тўғри, жон ширин, ҳар ким ўз жонини аяйди, лекин одамнинг юрагида бошқаларга меҳр бўлиши керак, керакли вақтда кўмаклашиш керак. Ўша бачча ҳам одам фарзанди. Ота-онаси камбағалликдан уни баччаликка сотгандир. Ё у етим қолиб, шу йўлга киргандир. Уйинини кўриб, эсингиз оғди, яна ёмонлайсиз.
— Биласизми, Йўлчи, бу ерда кимни судрадингиз?
— Йўқ, ким ўзи у ит?
— Ана холос!.. Эҳ, билиб қўйинг: Тантибойвачча — шу, тоғангизнинг куёви-я.
Йўлчи қаттиқ кулди.
— Ким бўлмасин, майли!—деди Йўлчи.— Лекин у аблаҳга ҳам яхшилик қилдим. Ёрмат ака, эртага борамизми, унақа одамлар жуда кекчи бўлади-ку?
Ёрмат индамади. Йўлчи ҳозир қилган ишидан ўзи хурсанд. Бир кўп одамлар унга раҳмат айтди, баъзилари унинг елкасига қоқди. Иши Ёрматдай тошкўнгилли, қўрқоқ одамга ёқмаса ёқмасин!..
Йўлчи ўз манзилига қайтиб, пичан «тўшакка» чўзиларкан, ҳалиги ердан яна ноғора тарақлади: базм!

IV

Вақт намозасрга яқин эди. Тантибойвачча кечаги базм ва ичкилик кайфини бутун кун чўзилган уйқу билан тиниқтириб, қўрғон эшигидан боғ ташқарисига чиқди. Юм-юмалоқ қорнини силаб, бир неча минут кезди. Сўнг, ҳовузда юз-қўлини ювиб, супада ёнбошлади.
— Қамбар, чилим келтир!— даладан қайтган хизматкорига буюрди.
Қамбар ихчам, ярқироқ мис чилимни олиб келди, «пишитиб» хўжайинга тутди.
— Хўжайин,— одатдагича такаллуфсизлик билан деди у,— букун бир талай иш қилдик. Қайнатангизникидан келган йигит жуда яхши ишлади.
— Аҳа, келдими? Дуруст! Қайнатам ишнинг кўзини биладиган одам. Хизматкорлари бари яхши ишлайди. Мана сен бўлсанг, овқат ейишдан бошқани билмайсан.
— Ана, келяпти,— кетмонни елкага олиб, оғир қадам босиб келаётган Йўлчини кўрсатди Қамбар.
Йўлчи ҳовуз бўйига яқинлашганда Тантибойваччага кўзи тушди. Жўрттага дадил юриб кетмонни девор тагига қўйди-да, шошмай, бепарволик билан бетини ювди, белбоғини ечиб оҳиста артди, сўнг бойвачча билан кўришди.
— Ҳорма, йигит, ўтирчи, — Йўлчига бошдан-оёқ тикилиб деди бойвачча.
Йўлчи унинг қаршисига ўтирди. Тантибойвачча унга жилмайиб, бир нимадан ўкинган каби, бошини тебратиб деди:
— Кечаси базмда бормидинг? У йигит сен эмасми?
— Мен эдим,— деди Йўлчи.
— Мастлик, қурсин, тоза машмаша қилибман, ҳе-ҳе-ҳе,— совуқ кулди бойвачча.
— Хўжайин, ҳар ерда бир ғалва қўтарасиз. Асли номингизни «Тўполонбойвачча» қўйиш керак эди,— илжайиб деди Қамбар.
Тантибойвачча уни ҳазилсимон койиб, кейин Йўлчига сўзлади:
— Биринчи ўқдан худо асради баччани, иккинчи ўқдан сен сақлаб қолдинг. Отар эдим, кайфим тарақ эди.
— Нимага у бечорага ўқ уздингиз?—воқеанинг сабабини яхшироқ англаш учунми, ё жўрттагами сўради Йўлчи.
У бир нафас сукут қилди. Йирик, лекин қизил, майда томирчалар билан қопланган хира кўзларини қисиб жавоб берди:
— Билмайман, тутган чойимни олмадими, ё қошини учирмадими, хуллас, жаҳлимни чиқарди, лаънати. Хўп, ўтган ишга салавот. Қалай, экинларимиз дурустми?
— Экинлар жуда соз. Айниқса, картошка билан сабзи мўл ҳосил беради.
— Аниқми? Мана бу чўлоқ,— Қамбарга ишорат қилди бойвачча,— анча-мунча ерга экин экдим деган эди. Ўзим яхши қараганим йўқ. Тўғриси, деҳқончиликка сира тушунмайман. Мана шу чўлоққа ишонаман. Чўлоқ бўлса ҳам қўли баракали. Экини ҳар йил ҳам чакки бўлмайди, шундайми, Қамбар?
Шўх, гапдон йигит — Қамбар бир оёғини судраб босар эди. У айёрча кулиб, сариқ тукдан иборат қошларини чимириб сўзлаб кетди:
— Мирисҳоқ ака, жилла бўлмаса, меҳмонларнинг олдида чўлоқ деманг... Қани, чопишасизми мен билан?
— Чилимни сол, чўлоқ, ҳазилни билмаган кал Фозил! Тўғри, ўзи чўлоқ-ку, лекин шамолдан тез учади, ҳайронман. Ҳам ўзи дилкаш йигит. Ишни пухта қилади. Бир айби шуки — чўлоқ. Хах-хах, хах.
— Ерни маймоқ оёғим гуллатиб турибди, хўжайин. Қани, тортинг чилимни. Мучангиз соғ бўлса ҳам чилим сўришдан бошқа ишга ярамайсиз!
Тантибойвачча чилимни тортиб, тутун орасидан Қамбарга жиддий тус билан сўзлади:
— Тойни миниб шаҳарга туш, икки шиша коньяк ол. Тез. Уҳу, ўҳу... йўтал қурсин! Асқар полвонлар келишади, тушундингми?
— Эҳҳе, иш катта-ку. Омад тилайман, йўталдан чўзасиз-да. Лекин, той йўқ, Мирисҳоқ ака. «Кичкина чавандоз» улоққа миниб кетган эди.
— Йўрғани мин!
Шу вақтда, эгар-жабдуғи яп-янги бўлган, манглайига туморча ва мунчоқлар осилган семиз, чиройли қора тойчани етаклаб «кичкина чавандоз» кириб келди. Бу, Тантибойваччанинг ўғли Обиджон эди. У ўн уч-ўн тўрт ёшли, ориқ, чайир бола, ўзини катталардай тутишга тиришса ҳам, бутун ҳаракатларидан «эрка қўзи» экани кўриниб турар эди. У тойни Қамбарга топшириб, кийимларидан чангни қоқа бошлади.
— Ўғлим,— деб қичқирди кулиб дадаси,— кимники олди?
— Тоҳир губчакнинг жийрони. От боласи унга тўғри кэлмас экан.
— Ия, Обиджон,— тиржайиб гапирди Қамбар,— мен ўйловдимки, улоқни тақимга босиб келасиз, бу ерда қозон осамиз деб, қуруқ томоша денг.
— Шошма ҳали, Қамбар, қозонингни мой қиларман бир кун...— кибрланиб деди Обиджон.
— Ҳазраталининг дулдулини ҳеч бир от қувиб етган эмас, китобларда шундай ёзилган. Той ўссин, нақ дулдулдай бўлади. Аммо, улоқ олиш учун чавандоз бўлиш керак, куч керак, укам Обиджон!— деб Қамбар тойчанинг қоринбоғини бўшатиб, қозиққа боғлади. Кейин хўжайиндан пул олиб, бошқа отда шаҳарга жўнади.
Тантибойваччанинг меҳмонлари шомдан сўнг келишди. Улар бедапояга қаратиб солинган айвонга ўтқазилди, то Қамбар келгунча, хизматни Йўлчи бажариб турди. Ҳаммадан Тантибойваччанинг чилими зериктирди. Минут сайин айвондан бақиради: «Чилим». Чилим унинг ёнида. Лекин сархонани янгилаб, ўт қўйиб тутиш керак... Бойвачча чилимни бир марта енгил тортиш билан кифояланади, лекин бир зум ўтмасдан, яна талаб қилади. Қамбар келиб, ўзининг малака орттирган хизматини бажара бошлагач, Йўлчи қоронғи супадаги тақир намат устига чўзилди. Қамбар бир лаган совиб қолган палов келтирди, ўзи ҳам ўтирди.
— Ўйин бошланганга ўхшайди... ўйинни жуда қизиқиб ўйнайди, хўжайин. Қаранг, чилим ёдидан кўтарилди.
— Қанақа ўйин?— деди Йўлчи.
— Қимор...— секин жавоб берди Қамбар.
— А, меҳмонлари қиморбозга сира ўхшамайди-ку. Домла имомлардай салла-каллали одамлар.
— Қиморбоз деб кимни айтасиз?— оғзидаги оши билан ғулдиради Қамбар.— Кўкраги очиқ, қўшбелбоғ, якка кифт чапаниларними?.. Йўқ, қиморбозларнинг уччига чиққани булар. Серсоқол, катта саллали — эшоннинг ўғли. Буларнинг боғида ҳар жума зикр бўлади. Дадаси бўлмаганда зикрга ўзи бошлиқ бўлади. Муридлари жуда кўп. Катта эшон.
— Тавба! Эшон «гардкам» деб ошиқ отадими, а?
— Булар қартада ўйнайди. Барибир қимор-да, қайтага, бу яна ёмонроқ... Ҳа, ичишини сўранг. Номи ичкилик бўлса — бас. Чўлда бир ҳафта сувсиз қолган туядай шимиради. Бўзами, ароқми, мусалласми, коньякми,— қўймайди эшон.
— Ғирт палид одам денг,— деди-да, эшонни ўхшатиб сўкиб қўйди Йўлчи.
— Чилим, чўлоқ!
Қўлига олган ошини лаганга тўкиб, югурди Қамбар. У чиндан оёғи соғ каби, тез югурар эди. Йўлчи ичида ўйлади: «Чўлоқ одам учун хизматкорлик қийин, боёқиш Қамбар бу камчиликни билдирмаслик учун югура-югура югурик бўлиб қолганда».
Тантибойвачча ҳар сафар «чўлоқ» деб қичқирар экан, Йўлчига қаттиқ таъсир қилар эди: «ҳазил эмас, менсимаслик бу» дер эди ичида.
— Менга қараб ўтирибсизми? Олаверинг,— қайтиб келиб деди Қамбар.— Хўжайиннинг кармони ўпирилганга ўхшайди, толеи йўқ-да. Шу бу йил ютқизишдан боши чиқмай қолди. Нуқул «бой беради». Давлат зўр, унчалик билинмайди, аммо, пироварди ёмон бўлади. Ана шунда кўзи мошдек очилади. Бу харажат, бу исрофгарчиликка тоғ ҳам чидамайди, дўстим Йўлчи.
— Бойвачча нима иш қилади?—деди Йўлчи.
— Иш?—«пиқ» этиб кулди Қамбар.— Ошдан олинг, кейин эшитасиз.
Лаган бўшагач, Йўлчи қўлини тортди. Қамбар лаганга бармоқларини ишқаб, ялади. Сўнг лаганни четга суриб, Йўлчига жуда яқин ўтирди, овозини пасайтириб, сўзлай бошлади:
— Ҳемирилик иши йўқ... Отаси ўлганига ўн беш йил бўлиб қолди, шундан буён ҳар қанақа ишни йиғиштирган. Мен ҳаммасидан хабардорман. Бу одамникида тўрт йилдан буён ишлайман... Лекин шаҳарда бир маҳаллада бўлганимиз учун, аҳволини обдан яхши биламан. Хўжайиннинг дадаси катта бой эди, мол-мулкни беҳад йиққан эди. Бир қанча дўкон, яна ер-сув, янги шаҳарда бир неча қўралар... Чол ўлди, ўғил еб ётибди: гап-гаштак, базм, улоқ, меҳмон-излом инчунин. Мулла, эшон, бой, қиморбоз ёғилаверади. Ҳар кун норин, манти, шилпилдоқ, палов. Мана яқинда шаҳарга кўчамиз. Ҳалиги бир қарич болани уйлантирмоқчи. Қизни бешикда унаштириб қўйган эканлар. Шу бола хотиннинг маънисини биладими?! Ўғли ҳам ўзига ўхшайди. На ўқишни билади, на тўқишни... Хадрадаги ўрис мактабга бир қанча ой қатнаб, ташлаб қочди. Боланинг эс-ҳуши улоқда, отда, ёш-ёш бойвачча жўралар билан улфатчилик қилишда. Ота-бола бирлашиб давлатни кемиради. Ҳозир, эшитишимча, учдан бири қолган эмиш. Бу ҳам сотилиб-соврилиб шамолга учади.
Узоқдан Тантибойвачча бўғилиб бақирди: «Чилим!» Қамбар сўзини кесиб, хўжайинга югурди. Бир зумда қайтиб, яна шивирлади:
— Ўртада пул хирмондай уюлган. Оқподшонинг сурати тушган нуқул шалдирама қоғозлар-а... Қарасам, кўзимдан олов чиқиб кетади. Бир-икки донаси менда бўлса эди, қаерга борсам: «Келинг-келинг, мулла Қамбар!» У йўқ: «Чўлоқ Қамбар, мўлоқ Қамбар!»
— Хўжайин танти деб танилган экан, тантилигини сизга кўрсатдими, Қамбар ака?— деди Йўлчи.
— Танти, лекин бизга эмас,— шивирлади Қамбар,— ўзининг ошна-оғайниларига ҳам ўзига тантилик қилади. Зиёфатларини еган одамлар унга Танти от қўйишган. Менга овқат беради, кийим жуда тўзиса, кийим қилиб беради. Лекин, пулчадан йўқроқ... Қўлдан берганга қорин тўймас, деган гапни биласиз-ку! Баъзи вақтда унча-мунча пул ҳам сўраб оламан. Лекин, чирт-пирт бўлиб қўлдан учади-кетади. Оҳ, пул! Икки танобгина ер олсам, оз бўлсин, соз бўлсин дегандай, қантдай иш қилар эдим. Кўрдингиз-ку, қанча ерга экин экканман. Ёлғиз ўзим!.. Ҳар йил хўжайинга арава-арава ҳосилот бераман.
— Биров ишлайди, биров роҳатини кўради, еринг бўлса меҳнати ҳам, роҳати ҳам ўзингники бўлади. Пул йиғиб ер олинг, Қамбар ака!— деди Йўлчи.
— Хизматкор ёлғиз ўзини боқади, бир тийин ҳам тугиши қийин. Хўжайинларнинг остонаси шундай лаънати бўлар экан, ҳатлайман десанг, оёғингдан чалар экан...
Шу топда хўжайиннинг маст ва асабий товуши янгради:
— Чўлоқ, «дорув» дан олиб кел!
— Мусалласга гал келдими?-— деди Йўлчи.
— Эшоннинг бошини хумга тиқаман!— деб кулди Қамбар ва қоронғида йўқолди.
Йўлчи қуруқ наматга ётиб, устига кўрпача ёпди. Кўрпачадан зах ҳиди билан от шиптирининг қўлансаси димоққа урди. Бунинг устига маст қиморбозларнинг бақириши, яккам-дуккам «хиргойилари» қўшилиб, Йўлчининг уйқусини ўчирди. Очиқ қолган оёқларини нима билан ва қандай ёпишни билмай, уриниб ётаркан, бошида Қамбар эгилиб шивирлади:
— Ухладингизми?
— Йўқ.
— Ичасизми? Озгина қуйиб берай. Жуда хуштаъм мусаллас.
— Сира татиб кўрган эмасман. Керак эмас. — Ха, ха, ха!
Қамбар бирдан қаттиқ кулиб, Йўлчининг ёнига ёнбошлади. Оғзидан мусаллас ҳиди гуркирар эди.
— Оз-моз ичиб турилса, зарари йўқ,— гапга тушди Қамбар,— баъзи вақт, Йўлчибой, юрагим тарс ёрилгудай бўлади, дунё кўзимга қоронғи кўринади. Ана шунақа вақтларда хўжайиндан бекитиб бир-икки пиёла ичиб оламан. Баъзи вақт ўзи ҳам беради. Асли, мени хўжайин ўргатди. Илгари бир қатра оғзимга олмас эдим. Гоҳ-гоҳ дунёни ўйлаб, хўжайинга тан бераман: умр қисқа, беш кунлик дунёда эавқ суриш ғанимат. Мана унинг исқирт дадаси емади-ичмади, аммо молини мозорга орқалаб кетмади.
— Зиқна одаммиди у?— бошини кўтармай сўради Йўлчи.
— Зиқнанинг пир ургани эди. Хасислигини, исқиртлигини ҳамма билади: Кимсан терифуруш фалончи бой! Лекин кўрган одам ямоқчими, бўзчими деб ўйлар эди. Қиш-ёз оёғида оғир сағри кавуш. Маҳси ҳам минг ямоқ. Бошида кир, тўзғиган салла, чопони ҳам қўсқи. Кейин, ҳар вақт ерга қараб юрар эди. Кўчада ётган эски тақа, занглаган мих, тугмача, шунга ўхшаш бало-баттарга кўзи тушса, дарров олар эди. Коримга ярайди бир кун, дер экан. Бир вақт, ёш палламда, икки дона арава михни қўлимдан алдаб олган эди.
— Ростми? Пича лофи бўлса керак,— деди Йўлчи.
— Э... сўзлаганларим дарёдан бир томчи,— давом этди Қамбар,— шошманг, мана бунга қулоқ солинг: куз келса маҳалладан бир тўда болаларни мана шу далага олиб келар, хазон супуртирар эди. Бир йил болалар билан мен ҳам келдим. Жуда кўп хазон супуриб, қанорларга миқтилаб жойладик. Кечки пайтда қаттиқ шамол турди. Дарахтларда тўкилмай қолган баргларни ширт-ширт юлиб, ҳар ёққа учираверди. Шамол зўрайиб, дарахтларни силкитган сари, баргларини осмонга пириллатиб учирган сари, биз севинамиз. Бой бизларни сўкади, оёғи куйган товуқдай нотинчланади. «Ота, нимага хафасиз?» дедик. У нима деди: «Худонинг бемаза ишлари кўп бўлади. Қаранглар, дарахтларимда битта япроқ қўймасдан, барини кўкка учирди».
— Оббо, лаънати калхамак!
— Шошманг, яна бир нарсани айтиб берай, буни чўпчак дейсиз, лекин ўнгкай чин сўз. Бой яхши овқатларни — палов, норин, қази-қартани емас экан. Палов меъдамга михдек қадалади, қази-қарта мижозимга тўғри келмайди, дер экан. Албатта, ҳаммаси баҳона. Ҳар кун ёвғон хўрди, сўк оши қилдирар экан. Ўғли — хўжайиним — уйлангандан кейин, рўзғорни яхшилаб, овқатларни мўл-жўл қила бошлади. Лекин жуда яширин. Отасининг пулидан ўғирлаб, харажат қилаверибди-да. Ўзлари ширингина таом пишириб еб, кечқурун бойга ғози йўқ, суюқ ош тайёрлаб қўйишар эканлар. Бир кун шаҳардан бой эртароқ қайтади. Йўлда учраган бир яқин қариндошини ҳам уйга бошлаб келади. Суюқ ошини кутиб ҳовлида гаплашиб ўтиришади. Лекии шу вақтда бир чеккага уюлиб қўйилган бир неча боғ пичан орасидан буриқсиб тутун чиқа бошлаганини сал кўриб қолади-ку. Бу нима, дейди-да, дарров пичанга югуради. Орасини ёриб қараса: дамлоғлик қозон чиқади, тувоқни кўтаради. Паловнинг буғи, ширин ҳиди гуппа уради. Мана шунда ҳамма сир унга аён бўлади. Тушундингизми? Хотинлар паловни дамлаган вақтда, бой келиб қолади. Улар қўрққанларидан ўчоқ, қозон устига пичан ташлайдилар. Бой ўз жойига бориб ўтиради. Безгакдай шақ-шақ титрайди, қариндоши уни юпатишга киришади: «Хафа бўлманг, худога шукур, сиз давлатманд одамсиз. Еса, ўз фарзандингиз ейди. Кўпдан буён бу ҳовлида икки қозон осилади, бири сизга, бири ўзларига. Кечиринг уларни», фалон-пистон дейди. Бу гапни эшитгандан кейин кекса бой бошини қуйи солиб бирдан ҳўнграб йиғлаб юборади. Обдан йиғлаб шундай дейди у:
«Ешим етмишда. Эллик йил мол, пул қайғусида юрдим. Яхши емадим, яхши ичмадим, яхши киймадим. Мана умрим ўтди, нуқул азоб ичида ўтди. Булар роҳатда, мен ҳасратда яшабман. Ўз аҳмоқлигимга йиғлайман, қариндош!» Мана отаси қанақа, боласи қанақа!..
— Ахир, пушаймон қилипти-да, гўрсўхта,— деди Йўлчи ҳайратда, ёқасини ушлаб.
— Пушаймон қилди, лекин беҳуда. Бир оёғи гўрда эди-да. Шундан кейин бир йил ўтар-ўтмас ўлган. Қани, сиз айтинг — отасининг йўли қалай, боласининг йўли қалай?
— Иккиси ҳам аҳмоқ. Иккисининг йўли ҳам, менимча, гумроҳликдан бошқа нарса эмас. Бири йиғиб ўлган, бири еб ўлади,— деди Йўлчи секингина.
Қамбарни хўжайин чақирди. Йўлчи ухлаш учун кўзларини юмди, лекин уйқуси ўчиб, хаёлларга чўлғонди. Кўзи юмиларкан Қамбар ҳозиргина тасвир этган хасис бойни тушида жуда мудҳиш тасаввур этди. Унинг кўз олдида хасис бой даҳшатли қиёфаларда жонланди. Гоҳ унинг скелети гўристондаги оч итлар билан қоронғида суяк талашади, гоҳ пичан орасидан топган қозондан паловни ағдаради, мозор ичида бир қарич тилини осилтириб, қуруқ қозонни ялайди. Гоҳ кучли бўрон орасида чирпиниб фарёд кўтаради, фақат оғзидан хазон тўфони учади...

V

Йўлчининг ҳашарга келгани Нурининг қулоғига етгач, унда сабр қолмади, фурсатни ғанимат билгани учун, узоқ ўйламади. Опасини соғингани ва қовун полизни сайр қилишни баҳона қилди-да, акасининг ўғли Рафиқжон билан бирга йўлга тушди.
Мана ҳозир уч кундан бери бу ерда, опасининг боғида яшайди. Унинг мақсади Йўлчи билан учрашув, албатта. У бошига енгил бир нимани илиб, ҳар кун бир неча марта боғни ва полизларни айланади, кезади. Лекин Йўлчига яқин кела олмайди. Йўлчи эртадан кечгача, дам у экинда, дам бу экинда. Қамбар билан бирга ишлайди. Шунинг учун дадиллик қилиб қалтисроқ қадам босишга қўрқади, ҳам бу ер унча қулай эмас. Чунки деворсиз, кенг, очиқ дала. Бахтига қарши, Тантибойвачча ҳам одатдагича бирон ерга йўқолиб кетмайди. Ҳар кун меҳмон, ҳар кун ташқарида ичкилик, шовқин-сурон билан вақт кечиради...
Тўртинчи кун кечаси, хуфтондан кейин Тантибойвачча ўғлига буюрди:
— Анов ким, ҳа, Йўлчига чиқиб айт. Айвонда ётсин. Кўрпа-ёстиқ, гилам ҳаммаси у ерда қолган. Қамбар бу кеча келмайди.
Бу сўзни эшитиш билан Нурининг сўнган умиди алангаланди, кўкраги ёниқ орзулар билан тўлди. Севинч ва ҳаяжонини билдирмаслик учун опасининг юмушларига қараша бошлади. Кейин болаларга тезгина ўрин солди. Уларни дам қарғаб, дам уларга ялиниб, ниҳоят барчасини ётқизди. Ўзи учун кампир қуда холанинг ёнига эмас, болаларнинг орасига ўрин солди.
Кенг кўйлак ичида тоғарадай қорнини осилтириб, пишиллаган ҳомиладор опаси Умринисо ҳовлида майда-чуйда ишларни саранжомлаб бўлгач, чироғни ўчирди, эрининг ёнига кириб кетди. Лекин болалар қоронғида кўрпа-ёстиқни тортишиб, бир-бирларининг устларидан думалашиб анча вақтгача шўхликни давом эттиришди. Сўнг, кампир бувининг дағдағаси билан тинишди.
— Буви, чўпчак айтиб беринг!— деди бир набира.— Жон буви, айёр кални айтинг.
— Жим ёт, кечаси ҳам тинчлик бермайсанлар, оғиз очишга дармоним йўқ.— Кампир кўрпасига бурканиб олди.
Болалар Нуридан сўрашди. Нури эртак эмас, бир неча топишмоқ айтишга мажбур бўлди. Лекин оғзидан чиқмасдан болалар топаверди. Топилиши қийин топишмоқларни кўп билган Нури, ҳозир ўйлай-ўйлай, бирини ҳам эсга келтира олмади. Ғўё, ҳаммаси бошидан изсиз кўчган... Обиджон жуда қўпол ва беадаб бир топишмоқни қичқириб айтган эди, кампир уни қаттиқ қарғади, «болаларга қўшилиб ҳингиллашган» Нурига ҳам пичинг қилди. Ҳамма жим бўлди. Эртадан кечгача яйлов далада тинмай ўйнаб, чарчаган шўх болаларни бир лаҳзада ва бирдан уйқу олди...
Қизда уйқу йўқ. Унинг бадани қизиган, томоғи қақраган, юраги шиддатли уради. «Чиқсинми, чиқмасинми?» Бу саволни у ўз-ўзига беради, гоҳ севиниб, ширин хаёлларга ботиб, сабрсизланади. Гоҳ бутун вужудини қўрқув босади.
У бутун диққатини тўплаб қулоқ солса-да, кампирнинг уйқудами, уйғоқми эканини пайқолмади. Нури кампирдан қўрқар эди. Чунки оғзида битта тиши йўқ, бели букчайган кампир ҳали зийрак эди, қув эди. Ҳар кимнинг юриш-туришидан маъно қидиришни яхши кўрар эди. Нурининг ҳаракатида агар қитдай шубҳа сезса, қолганини кампир ўзи тўқиб-жўйиб ола билишига қиз ишонар эди...
Мана ҳовли орқасидаги чакалакдан секин-секин ой кўтарила бошлади. Кечанинг қоронғисида эриб йўқолган дарахтларни нурлантириб, уларга кўркам, хаёлий манзаралар шаклини берди. Ой ёруғида кеча жимжитлиги яна чуқурлашган каби туюлди...
Кампир кучсиз хуррак торта бошлади. Нури анча вақтгача тараддудланиб, атрофга қараб ётди. Сўнг, титраб ўрнидан турди. Куз кечасининг салқини унинг қизғин баданини сескантирди. Дарров қозиқдан нимчасини олиб кийди. Йўлчи учун келтирган тугунчак ёдига тушди. Уни паранжига ўраб, тахмоннинг бурчагига яшириб қўйган эди. Тугунчакни олиш учун оёқ учида борар экан, чойнакни туртиб, ағдарди. Қиз дир титраб, бир лаҳза қотиб қолди. Лекин чойнакнинг шақиллаши ҳеч кимнинг уйқусини бузмади...
Қиз тугунни қўлтиқлаб ҳовлига тушди. Кавушини киймади. Яланг оёқ, «шип-шип» юриб кетди. Ҳовлининг ўртасига борганда тўхтади, атрофга қўрқувли назар ташлаб, қулоқ солиб, яна эшик томонга юмшоқ йўрғалади. Девор тагида катта сигир бошвоғини ерга ёйиб, бемалол кавш қайтариб ётарди. Унинг қўнғир туклари ойдинда олтинланиб ялтирарди. Нури яқинлашаркан, сигир бепарво назар билан боқиб, пишиллаб, оғир нафас олди.
Нури эшик занжирига қўл узатди, лекин бирдан чўчиб кетди: «Занжир жаранглайди, эшик ғижирлайди. Кампир уйғониб қолса, нима баҳона топаман? Бунга баҳона топиб бўладими? Бу эшик ғижирлармикан, ё йўқ?» Шунча вақтдан буён бу нарсага диққат қилмаганига ўкинди. Таваккал қилиб занжирни оҳистагина туширди. Эшикни жуда эҳтиёт билан ярим очиб, ўзини ташқарига олди. Супага қадар бўлган саҳн туташ тиниқ ойдин, ҳатто тупроқ ҳам йилтирайди. Бошқа ерлар ола-чалпоқ ним ойдинлик. Нурига энди кеча ва жимжитлик, нечундир қўрқинчлироқ туюлди. Катта-кичик дарахтларнинг ерга ташлаган кўлкалари, гердайиб кўкка узайган ҳайбатли қайрағочлар сирли, ваҳимали кўринди. Қиз уларга қарашга ботинмади, гўё ҳар томонда “ажина”ларнинг кўлкалари сакрашгандай... У қаттиқ югуриб айвонга борди. Эртакларда учрайдиган ботир каби ғурур, салобат билан ухлаб ётган Йўлчнинг бош устида чўккалади. Кечанинг бир зум аввал сирли ва мудҳиш кўринган манзараси энди йўқолдии. Атрофда ҳаммаа нарса тўзал ва ёқимли бир шакл олди. Йигит кўкка қараб, тинч ухлар эди. Айвон ёқасидаги икки тун жафтоли орасидан тушган ой нури йигит юзида кўлка аралаш жим-жим титрайди. Нури унинг кўксига қўлини қўйди, бир қўли билан пешанасини секин силади. Йўлчи сесканиб кўзларини очди, бошини кескин кўтарди.
— Ким бу?
— Мен, мен... Нури, Йўлчи ака. Жим, секин...— Нури ўз юзини йигитнинг юзига тақади.
— Сиз, шу ердамисиз?—шивирлаб, ҳаяжон билан деди Йўлчи,— нимага бемаҳал бу ерга чиқдингиз? Билиб қолсалар нима бўлади? Барчага шарманда бўламиз. Мен бир хизматкорларинг бўлсам... Сиз жуда енгил ўйлайсиз.
— Нима қилибди, хизматкор одам эмасми? Сиз қариндошимиз. Сиз қандай яхшисиз,— совуқданми, ё ҳаёжонданми, Нури титраб гапирди.— Сизни деб бу ерга келдим, Йўлчи ака. Бу ерда эканлигизни эшитиб, кўзимга хеч нима кўринмади, учиб бора қолсам, дедим. Бу ерда уч-тўрт кундан буён кундузи ҳам, кечаси ҳам эс-ҳушим сизда. Таваккал қилиб чиқдим.
Куз кечасининг салқин шамолида жимгина силкинган дарахтларнинг барглари орасидаи тушган ой нури кизнинг сочларида, юзида жим-жим ўйнар, қизлик латофатига сирли ва сеҳрли бир нима бағишлар эди. Йўлчи атрофга кўз ташлар, шамолда шилдираган ҳар баргдан чўчир эди. У қиз билан икки оғиз жиддий сўзлашиб, келажакка қандай қарашни билмоқни истаса-да, лекин Нурининг кўзларидан, ҳаракатларидан унинг бу ерга сўз сотиш учун чиқмаганини сезди. Қийинлик билан эришилган бу нодир фурсатда ёниқ орзуларини, шўх эҳтиросларини алангаланганига қизда кучли интилув борлигини равшан кўрди. Йўлчи қизга томон яқин эгилди ва кўзларига тикилди ва титроқ лаблари билан базўр деди:
— Шундайми-а? Мен учун келдингизми?
— Ёлғиз сизни деб...
Йўлчи қизнинг қўлларини маҳкам сиқди. Нури ўз бошини унинг елкасига секингина ташлади... Йигитнинг қўллари қизиниг белларига чирмашди, кўкраклари бир-бирига қапишди.
Ой. Нозик жимжитлик. Салқин шамолларгина қизнинг сочлари билан ўйнашади...
Нури кетиш олдида, тугунчакни Йўлчига берди.
— Нима бу!?
— Арзимайди. Сизга бир кўйлак олиб келгандим. Пул керакми сизга? Йўлчи ака, айтаверинг, уялманг— Йўлчининг қўлини махкам ушлаб, деди Нури.
Йўлчи оғир бир хўрсиниб тугунчакни қизмннг оёғига ташлади.
— Олиб кетинг. Менга ҳеч нима керак эмас. На кийим на пул. Ўз кучим билан топаман. Олинг хозир, опа
— Мен атайлаб сиз учун олиб келдим. Бир қўшни хотинга яширин тикдирдим. Ҳозир бирон жойга беркитинг. Катта ерга борганда, киярсиз.
— Олинг, хафа бўламан.
— Розилигимга қаранг, Йўлчи ака!..
Нури яна аввалгидай қўрқув остида эҳтиёт билан қўрғон ҳовлига кирди. Айвончага оёқ учида юриб борди. Кампир уйқуда эканига ишонгач, юраги бирдан тинчланди. Энди у, мабодо кампир уйғонса, зарурият учун турган экан, деб ўйласин, деган ниятда, жўрттага дадил юрди, йўталди, айвон олдига етгач кавушларга қоқилган бўлди.

УЧИНЧИ БОБ

I

Кечикиб кирган қиш энди кун сайин совуғини кучайтира бошлаган эди. Қор йўқ, лекин эрталаб яланғоч дарахтларда ва томларда қалингина қиров ялтирайди. Мирзакарибмойнинг оиласи бир ярим ойдан буён шаҳарда.
Саҳни торроқ, лекин тўрт томони уй-айвонлар билан ўралган ташқари ҳовлидаги нақшли, қуббали эшиклари кенг, яхлит ойнали деразалари, тарновларнинг тепасида гердайган тунука хўрозчалари, ганч уймалари, бўёқлари билан кўркам — ҳайбатли икки меҳмонхонанинг бирида қат-қат шохи кўрпачаларда, иссиқ танчага суқилиб Мирзакаримбой ўтирар эди. Дўкондан хоҳ эрта, хоҳ кеч қайтсин, у тўппа-тўғри шу уйга кирар эди. Фақат, овқатни ўғиллари, келин ва набиралари билан бирликда ейишни (меҳмонлар бўлмаганда) ўзи учун шарт қилиб олган. Бу кун пешин намозини Эски жўвадаги «Хотин мачит»да ўқиб, бозордан барвақт қайтган эди. У токчадан чўтни олиб, миясини ишғол этган «ҳисоб-китоб»ни бир-икки марта чўтга ағдаргандан сўнг, кўзойнак тақиб, «Чоҳор дарвеш»ни варақлаб кўздан кечира бошлади. У баъзи вақт Хўжа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар»ини ҳам ўқир эди. Ҳали бир бетни ўқиб битирмасдан, ўғли Ҳакимбойвачча кириб келди. Дадаси билан кўришиб мовут чакмонининг этагини эҳтиёт билан қайириб, танчага ўтирди. Фарғона сафаридан қайтган ўғли билан гаплашиш учун, бой китобни ёпди.
— Қачон келдинг? Мунча тез?
— Эрталаб келган эдим. Банкада айланишиб қолдим,— деди-да, сўзлаб кетди. Биринчи «сорт» пахталарни иккинчи, балки учинчи «сорт» баҳосига сотиб олганини, яна саккиз минг пуд пахта учун пул ташлаб келганини ва ҳоказони билдирди, қўқонлик бойларнинг, «ишбиларман» ёр-дўстларнинг саломини топширди. Мирзакаримбой пахта савдосининг турли томонларини синчиклаб билиб олгандан сўнг, ўғлининг «кори»дан хурсанд бўлди.
— Буни омад дейдилар. Бу тўғрида бировга оғиз очма, савдо ишидай нозик иш жаҳонда йўқ. Дадам раҳматлик баққол эди. Бир кунда қанча сабзи-пиёз сотади, буни ҳеч кимга, уй ичидагиларга ҳам айтмас эди, ҳе-ҳе-ҳе...— кулди у ўғлига тикилиб.
— Дада, энди пахта завод қурмасак бўлмайди. Модомики, пахтачи бўлдим, заводсиз илож йўқ. Гарчи сиз норози бўлсангиз ҳам, ишни бошлаб юбормоқчиман. Қўқонда номерда бир ўрис инженер билан танишдим, бу тўғрида маслаҳатлашдим. Аммо, сиз «хўп» десангиз олам гулистон.
Мирзакаримбой «қих-туф»дан сўнг:
— «Бу кор хайр...» Сендан илгари мен ўзим тарафдорман. Лекин пича сабр қил,— у бир нафас сукунатдаи кейин ўғлига илжайиб қаради.— Балки завод қуриш учун овора бўлишга тўғри келмас, биз тайёр заводни, ишлаб турган заводни қўлга олармиз ҳам жуда арзонга олармиз!
— Эҳ, қани энди, дўндирма иш бўлар эди-да!—Ҳакимбойвачча лабини ялаб қўйди.
- Ҳалиги гапимни сир деб бил!— давом этди чол.— Пахта бозори мисоли қайнаб тошган бир дарё... Бирдан ўзни отиш ҳам ярамайди. Олдин дарёнинг чуқур, саёз жойларини билиш керак. Кўриб турибман, кўп одамлар бу дарёнинг остида ер тишлади, кўплар гирдобга йўлиқиб, чўп-хасдай гир-гир айланади, қўлини чўзиб, қутқар, дейди. Қайси мард уларни қутқарарди! Эҳ-ҳе... Мен банканинг чилани... Ҳаммасининг сири манга равшан, ўғлим.
— Чакана-чуканалар шундай, дада. Аммо йўғонлар, бели бақувватларнинг иши борган сари авж олмоқда.
Мирзакаримбой кулди.
— Отангиз бор, белингиз бақувват-да, ўғлим!
— Сиз савдо ишида жуда дадил одамсиз,— бир қадар ранжиб деди Ҳакимбойвачча,— сиздан дадилроғи, худо билади, мусулмонлар орасида йўқ, ё жуда оз. Ҳайронман, нимага заводга қадамни бунчалик чўчиб босасиз.
— Қизиқ гапларни гапирасан. Ахир, соқолим газлама савдоси билан оқарди. Мен дадил бўлмай, ким дадил бўлсин яна.
Бир муддат иккиси ҳам жим қолишди. Чол ҳали китоб ўқиганда илган олтин бандли кўзойнагини олиб курсига қўйди.
— Ман бир вақт санга йўл чизиб берган эдим-ку, шундан чиқма, пахтани биринчи қўлдан ол. Деҳқонларга пулни қишда тарқат. Деҳқон қип-қизил яланғоч, аҳволи танг. Унга пул керак. Пул билан оёғига кишан ур. Шундай қилсанг хоҳлаган шартингга кўнаверади. Кузда ҳамма пахта сеники, ўғлим. Ҳозирча бундан афзал йўл йўқ.
— Ҳали ҳам шу йўлдаман-ку.
— Яна кенгайтир!
Меҳмонхона эшиги очилди. Бўйнини қисиб, кўришмоқ учун узоқдан қўлларини чўзиб Абдишукур кирди.
— Ўтираверинглар, зиёратларига келдим,— у ота ва боланинг қўлларини таъзим билан жуда самимий сиқиб ўтирди.
— Бақувватмисиз, отажон?
— Алҳамдулилло...
— Шаҳарда кўринмай қолдингиз, мулла Ҳаким ака?— бойваччага қараб, кўзларини жавдиратди Абдишукур.
— Қўқонда эдим.
— Қалай, хурсандмисиз? Жуда соз. Дўстларнинг хурсандлиги — менинг хурсандлигим. Шундай эмасми, ота?
Абдишукур яна чолга таъзим қилда.
Мирзакаримбой индамади. У ўғли билан бошлаган жиддий суҳбатни кесган бу “газетпараст маҳмадона”нинг келишини жилла ёқтирмай, бошини эгиб, хомуш ўтирса ҳам, Ҳакимбойвачча дуруст, муомалада бўлда. У Абдишукурнинг хўжайини ва дўсти бўлган Жамолбой билан пул ҳам савдо муомалаларида буни қурол қилмоқчи эди. Шунинг учун бир қанча замондан буён Абдишукур билан яхши алоқада бўлишга тиришар зди.
Курси устига дастуртон ёзилиб, мева-чева тўла патнис қўйилди. Самовардан чиққан буғ уйни тутди. Абдишукур бодом-писта чақиб, аччиқ чой ичиб, яйраб ўтирда. Гап орасида қўлтиғидан сариқ қоғозли, юпқа бир китобчани чиқариб, Ҳакимбойваччага узатди.
— Зотан, келишдан мақсадим шу эди, жанобингизни мадҳ этибдилар, сизга кўрсатишга ошиқдим.
— «Ойна»...— ўқиди китобчанинг номини, сўнг варақлай бошлади Ҳакимбойвачча.
— Бу иима тағин?—Абдишукурга шубҳали назар бидан қаради Мирзакаримбой.
— Бу, отажон, мажмуа, жорийда,— деди Абдишукур,— ойда икки дафъа Самарқандда босилиб, аҳли илм орасида тарқалади. Нима кераги бор, дейсизми? — юмшоққина кулиб, давом этди Абдишукур.— Мақсади диний, дунёвий ҳар нав фойдали ёзувлар миллат исломиянинг кўзини очиш, ҳақиқат йўлни кўрсатишдир. Муҳаррири  илмда камолотга етган нодир иисонлардан...
— Ажаб замона экан!—Бошини чайқаб гапирди Мирзакаримбой,— ҳар хил гаплар чиқади: мажмуа, жорийда... фойдаси борми?! Мана банка деган сўз чиқди. Кўрдик, фойдаси, манфаати жуда зўр, вексель деган сўз чиқди. Уни ҳам кўрдик, бениҳоят зарур нарса, кредит, процент, завод, компания, яна бирмунча сўзлар борки, ҳаммаси нуқул фойдали нарсалар. Сизларники-чи? Жорийда, яна нима, мажмуа!.. Тавба!
— Тақсир,— тушунтириш учун шошилди Абдишукур— сиз санаган сўзларнинг илдизи мана шу мажмуада... Болаларингиз мажмуани мутолаа қилса, сиз фойдали ҳисоблаган нимарсалардан яна яхшироқ, мўлроқ фойда чиқаришга малака ҳосил қилган бўлади.
Ҳакимбойвачча “Ойна”ни варақлаб, “мадҳ”ни топа олмаганини Абдишукур сезиб,  тоқатсизланди, бойваччанинг қўлидан китобчани сўраб олиб, керакли жойини топди.
— Мана, ўқинг, Ҳаким ака!—деди. Ҳакимбойвачча диққат билан ичида, ўқир экан, юзига табассум ёйилди. Ўқиб бўлиб их-их-их, деб кулди-да, дадасига қаради.
— Овозингни чиқариб ўқи, нима дебди? — Мирзакаримбой ҳам қизиқди.
— Олинг, сиз ўқинг, — Абдишукурга тутқазди. Абдишукур олдин йўталиб, қироат билан ўқиди: «Ҳамиятли, саховатли, тараққийпарвар бойларимиздан тошкентлик мулла Ҳакимбойвачча Мирзакаримбой ўғиллари “Ойна”га ўн сўм иона буюрмишлар. Зоти олийларига жорийдамиз чуқур ташаккуротини билдиради. Бундай фидокорликнинг ҳурматли мусулмон бойларимизга улуғ ибрат бўлишини тилайди».
Мирзакаримбой соқолини селкиллатиб кулди ва бу ёзувдан рози бўлганини билдирди.
— Дуруст. Ўн сўлковой ёнига тушади-ку мақтамайдими?
— Йўқ, ота, бу пул бировнинг кармонига тушмайди. Ҳозир қоғоз, босмахона ва ҳоказо харажатлар учун пул етишмайди. Чунки “Ойна” оз тарқалади. Зиён қилиши ҳам мумкин.
— Зиён?—Мирзакаримбойнинг кўзи ўйнай кетди — Зиён кўрса нимала чиқаради, ҳалиги. олим?
— Мусулмонларнинг кўзларини очиш ва маданиятга хизмат қилиш деган мақсад бор ота!—деди Абдишукур.
— Худо ҳар кимга бир касал юборар экан-да. Кимга керак маданият? Ўзи нима деган сўз?— Чол яна қизишиб кетди.—Алҳамдулилло, ҳамманинг кўзи очиқ, ҳамма ўз ишида, ҳар ким ўз ризқини тариб, еб туради. Оқподшоҳнинг қўл остида тинч яшаймиз, ободончилик... Маданият-да!
— Тўғри, подшоҳимизнинг соясида тинч яшиймиз. Лекин, биз деймизки турмушимизда бир қадар ислоҳ юзага чиқсин, бемаъни ишларни йўқотайлик дини исломнинг равнақига қўшиш қилайлик. Эски мактаблардаги болаларимизнинг умр зое бўлади. Янги мактаблар очиб, Қуръони карим ва бошқа. диний дарслар билан бирга, жуғрофия, тарих, ҳисоб каби илмларни ҳам таълим берайлик. Бойларимиз ўзи ёрдамда бўлсалар, яъни мактабларнинг ҳолидан огоҳ бўлиб турсалар, биз Туркистон мусулмонлари тез кунда маданият оламига ўзимизни танитган бўлар эдик,— деди Абдишукур.
— Хўп, мактабларда ким ўқийди?— деди бой.
— Мусулмон болалари.
— Ҳа, Эшмат, Тошматнинг болалари ўқийди, илм олади, нега бунга бойлар пул беради? — Мирзакаримбой кўзларидаги айёр табассум билан Абдишукурга тикилди, сўнг давом этди, — Бола ўқиса, фойдаси ўзига, кейин ота-онасига тегади. Болаларини ўқитмоқчи бўлганлар харажатини ўз зиммаларига олсинлар. Бойларнинг ўзига яраша иши бор, тирикчилиги бор, орзу-ҳаваси бор. Кейин, укам Абдишукур, бойлар яхшилик қилса ҳам, халқ миннатдор бўлмайди... Халқнинг феъли маълум.
— Ислоҳ, албатта, лозим,— патниснинг четига бармоқлари билан чертиб, бепарволик билан сўзлади Ҳакимбойвачча, — бизда ҳар хил бидъат ишлар кўп. Биз сартларнинг юриш-туришимизни кўриб, евруполикларнинг капалаги учади. Янги мактабларда ўқиладиган илмлар шариатга хилоф келмаса, уламолар фатво беришса, ҳар бир ота ўз боласи учун қўлдан келганча ёрдам қилади, албатта. Ҳозир эски мактабларимизда болалар ҳар пайшанба нон, ё ноннинг пулини олиб борадилар. Бундан бошқа бўйра пули, кўмир пули, идилиқ пули ҳам бор. Мана шу таомилни қўлдан қўйиш керак эмас. Шундай янги мактабда ҳам болалар нон ўрнига ҳар пайшанба куни беш тийин, ўн тийин пул олиб борсинлар. Шундай қилинса, тома-тома кўл бўлар, дегандай, муаллимга бирмунча маблағ тўпланиб қолади.
— Йигирманчи аср талабига жавоб берадиган мукаммал мактабларни бу усулда ташкил қилиш маҳол,— деди Абдишукур,— фараз қилайликки, шу йўлни тутдик. Лекин кўп оталар шу жузъий ёрдамга, ҳар ҳафта уч тийин, беш тийин беришга ҳам қодир эмаслар. Бунга нима дейсиз?
— Беш қўл баравар эмас,— деди Ҳакимбойвачча,— биров олим, фозил бўлади, биров мардикор, ҳаммол бўлади. Бундан бошқа илож йўқ манимча.
— Ҳар қим ўқийверса, подани ким боқади: — деди аччиқланиб Мирзакаримбой. — Мардикор, аҳли косиб, бева-бечора ўз қорнини тўйдирса бас-да!.. Уларнинг болалари ўқиб, илм олиб нима каромат кўрсатар эди? Мири бор оилаларнинг болаларига мактаб ҳам, мадраса ҳам ярашади.
Энди Абдишукур гапирмади. Қанд билан чой ичиб, бодом чақиб, ўйлаб кетди: «Дарҳақиқат, аҳли савдогар болалари кўчаларда ошиқ ўйнаб, ит уриштириб, ёқавайрон кезган бир паллада фуқаронинг болаларига илм таҳсили чикора?! Йўқ, аввал юртнинг ҳомийлари бўлган боёнлар ўз ўғилларини ҳозирги замон илмфунуни билан тарбияласинлар. Шу ҳам катта гап. Ўн йил муддатида уч-тўрт доктор, икки-уч адвокат ва Давлат Думасида оташин нутқлар сўзлаб, Туркистон мусулмонларининг ҳуқуқларини мудофаа эта биладиган тўрт-беш арбоби сиёсат етишса, биз учун катта шараф эмасми? Энди маориф учун ташвиқотни, албатта, савдогарларимиз, мулк-дорларимиз ўртасида юргизиш керак. Зотан, Туркистон ўлкасининг истиқболи бу гуруҳнинг қўлида. Шунинг учун уларни ғафлатдан уйғотиш даркор...»
Дастурхон йиғиштирилди, намозгар яқинлашганидан, учовлари таҳорат қилгани туришди. Намоз шу ерда — меҳмонхонада ўқилди, Абдишукур имом бўлди. Кейин катта лаганда палов келтирилди. Гангир-гунгур суҳбат билан паловни еб, Абдишукур кетишга рухсат сўради. У даҳлиздан калишини кияр экан, Мирзакаримбой қичқирди:
— Мулла Абдишукур, эртага ожизамизга тўй келади, марҳамат қилинг, дурустми?
—   Муборак бўлсин, жуда соз, албатта, келаман.

II

Арава сиғмайдиган, ичкарилик кўчага бу кун жон кирган. Эртадан буён Ёрмат бу кўчани дастакли супурги билан қиртишлайди, чуқурчаларга тупроқ солиб, тепкилайди. Бу кун унинг бошида янги, лекин беўхшоз дўппи. Амалга янги минган ҳовлиқма одамдек бурнини кўтарган, юзи маънисиз жиддий ва мағрур. Тумов орқасида бурнидан тўхтовсиз оққан сувни ҳам сезмайди... Чағир-чуғур қилиб, ошиқ ўйновчи маҳалла болаларини тириқтириб қувлайди. Оналари, бувилари билан тўйга келган меҳмон болаларга — уларнинг кийимларига яхши разм  солгандан сўнг — тегишли муомалада бўлади, ё дағал сўзлайди, ё «акаси жонидан» деб ширин гапиради.
Кўчани чиннидай тозалагандан сўнг, мачитдаги ҳовуздан обкашлаб сув ташимоққа бошлади. Баъзи бир «таъби тортган» одамларга: «тўйга бирга бўлинг!» деб қўяди ўзича.
Куёв томондан «тўй келиш» вақтига ҳали эрта. Тўн соҳиби Мирзакаримбой ҳам меҳмонхонадан чиққан эмас. Лекин, кўчада қатнов, қий-чув борган сари кучаймоқда Тўда-тўда хотинлар келишди: духоба, шоҳи, банорас, қалами ва ҳоказо хилма-хил паранжилар ўтади, келинлар, жувонлар, кампирлар аралаш-қуралаш бўлиб, Мирзакаримбойнинг данғиллама дарвозасига кирадилар. Аксар хотинларнинг олди-орқаси тўла, катта-кичик, ясанган-тусанган, укпар таққан болалар. Патнисларда, тоғараларда, саватларда кулча, қовирма чучвара, варақи, қатлама ва бошқа ҳар нав мева-чевалар...
Ёрмат дарвозадан беш-ўн қадам нарида туриб хотинларга тилёғламалик қилади: «ўтаверинглар, кираверинглар, баракалла!» Катта тугунларни хотинларнинг қўлларидаи, бошларидан олиб, ичкарига киритишга ёрдамлашади.
Келаётган аёлларнинг сони йўқ. Бойларнинг тўйларини кўп кўрган Ёрмат ҳам ҳайратда: «Бунча хотин, бунча бола-чақа, бунча таван қаерга сиғади?» Анчагина ичкариликда бўлган ҳовлида хотинларнинг шовқин-сурони, кўкрак эмадиган болаларнинг чирқиллаб йиғлашлари ва қий-чув товушлар янграйди.
— Ҳов, Йўлчибойми! Келинг, насиба-де.— Ёрмат қичқириб, узоқдан Йўлчини қаршилади.
— Қанақа тўй, Ёрмат ака?—деди яқинлашганда ҳайрон бўлиб Йўлчи.
— Эй, бугун хўжайиннинг қизига тўй келади, биласизми, хўжайиннинт Нуринисо деган қизлари бор-ку. Аравани катта кўчада қолдирдингизми?.. Дуруст. Отни дарров отхонага киргизинг. Юмуш кўп,— деди Ёрмат Йўлчининг қўлини сиқиб.
Йулчи шу вақтгача дала иши билан овора эди. У ҳар кун аравада шаҳарга, қандайдир бир саройга, пахта ташир зди. Кўпинча икки марта қатнар, оқшом вақтида, баъзан ундан кечроқ далага қайтар эди. Бу кун бир қатновдан сўнг, отга тақа қоқтириш ва арава темирини янгилатиш учун бойга учрашгани келган эди.
Отхонага отни боғлаб, шу ерда бир муддат турди. У ҳар вақт далада яшагани учун Нурининг тўйи тўғрисида ҳеч нима эшитмаган эди. Шу жиҳатдан бу тўй унга, ҳар бир кутилмаган ҳодиса каби, қизиқ таъсир қилди. У Тантибойваччанинг боғидаги учрашувдан сўнг Нурини кўрмаган бўлса ҳам, унинг ўша вақтдаги ҳаяжон билан айтган сўзларига ишона бошлаган эди. «Қиз меня севмаса, кетимдан қидириб юрадими? Қўрқмасдан, тутилиб қолганда гап-сўз бўлишни назар-писанд қилмасдан, кечаси ёнимга чиқармиди?» деб ўйлаган эди. Аммо шу билан баравар, қизнинг севгисига у катта аҳамият бермаган ҳам эди. У ҳали ҳам камбағал «бегона» қизни ёдлар, ҳали ҳам унинг бошини гоҳ-гоҳ банд қилган: «У кимнинг қизи? Уни яна бир кўриш пешанамга ёзилганмикан?» каби саволлар эди. Ҳозир эса Нурининг тўйини эшитаркан, юраги алланечук ўксингандай бўлди, кимдир, уни камситгандай севилди. У ўз ичида шундай ўйлади: «Нима қилсин, бечора Нури! У ота-онасига «мен фалончини севаман» дея оладими? Яна кимни? Мендай бир камбағал хизматкор йигитни!.. Албатта, у ўз юрагини ҳеч кнмга оча олмаган. Дардини ўз ичига ютган... Агар мен бир бойнннг ўғли бўлсам, Нури мени севса, буни ота-онасига айтмаганда ҳам, атрофдагиларга секин билдирган бўлар эди. Ҳар ҳолда Нури ўз тўйидан рози бўлмаса керак. Ҳозир бир бурчакда қисилиб, йиғлаб ўтирган бўлишига шубҳа йўқ... Аммо ким билади, бойвачча куёв яхшидир, хотинлар уни мақташган бўлсалар, Нури мени унутгандир.
Нурига ўхшаш қизларнинг ишқи баҳорда ёққан қордай: бир ёқдан ёғиб, бир ёқдан эриб кетади. Хўп, бўладиган иш бўлибди, бойнинг қизига уйланиш хотиримдан кечганмиди?..»
У отхонадан кўчага чиққан замон, Ёрмат обкаш ва челак тутқизди ва почапўстинга ўралиб, мағрур юрган Мирзакаримбойга кулиб, деди:
— Ота, бу кун ҳовузни яримлатадиган бўлдик.
Бой, уни эшитмаган каби, «ғиқ» этмади. Йўлчининг саломига минғиллаб жавоб қайтарди.
Қиём вақтида бир қанча болалар: «тўй келди, туй келди» деб бақириб-чақириб югуришди. Юк орқалаган, оғир қоплар остида икки букилган аравакашлар ва маҳалла йигитлари ҳам кўриниб қолди. Ёрмат Йўлчини судраб кўчанинг бошига, аравалар тўхтаган жойга югурди. Тўй учун куёв томоиндан ўн беш арава юк юборилган. Ҳар бир аравада бошқа-бошқа моллар ва буюмлар... Бу ерда қийғос-тўполон билан аравакашларнинг юзларига ун сепилди. Аравакашлар бошларини унга тиққандай ё тегирмончидай оқардилар, Йигирма бир қўйнинг маъраши, сўкиш, аския, маҳалла болаларининг қий-чуви ичида араваларни илдамлик билан бўшатиб, юкларни бойникига ташишга киришилди.
Арава-арава ун, гуруч, қоп-қоп бодом, писта, кажаваларда ҳолвалар, қирқ-эллик катта-кичик яшикда ҳар хил мевалар...
Маҳалланинг баъзи бир ўспиринлари пичоқ билан қопни ё яшикни тешар, чўнтакларига қўрқа-писа мева солардилар.
— Шу билан нафсларинг ором оладими, қандай бетсиз одамсанлар! Ҳой, сенга айтаман, қопни тешма!..— бақирди Ёрмат.
— Ҳа, тўйчилик-да. Оғзимиз чучиб қолсин!— кулишади йигитлар.
— Юкни бекорга ташиймизми, қобирғамиз синай деди!— қичқиришади бошқалар...
Араваларнинг остида болалар чумолидай ғивирлашади, қоплардан, яшиклардан тўкилиб, тупроққа, лойга қоришган меваларни теришади.
Жуда яхши кийинган, нозиккина бир йигитча билан бирга Ҳакимбойвачча пайдо бўлди. У қовоғини солиб, қий-чувдан мамнун эмаслигини кўрсатди ва болаларга ўдағайлади:
— Эналаринг кўчада туққанми, бу нима ҳангама!— Болалар қочишаркан, одатда никоҳ куни айтиладиган хунук, беадаб сўзларни баланд қичқиришди. Кўчанинг бир чеккасида иш тикиб ўтирган Соли ямоқчи болалар орқасидан бақирди:
— Азаматлар, бу гап никоҳ куни айтилади. Бу кун тўй!— киноя билан хахолади.
Ҳакимбойвачча бу «пасткаш»нинг сўзини эшитмаган бўлиб, нозик дўсти билан ўтиб кетди.
— Соли ака, сизга қачон маъни киради?— жаҳл билан деди Ёрмат.
— Маъни?— кўзини олайтирди Соли.— Маънини сенларга бердим, экиб қўйинглар... Тўй болаларники, ҳар қайси тўйда болалар ўйнайди. Сенлар нуқул қувасанлар, шу ҳам маъними?
«Тўй келди» ҳангамаси битди. Бир соатдан сўнг «йироқ-ёвуқ»дан тўйга даъват қилинганлар кела бошлади. Эшик олдига, кўчанинг икки юзига қатор қўйилган скамейкаларда Мирзакаримбой, маҳалланинг имоми, бойлари, бойваччалари уларни кугиб оладилар. Келувчилар «аҳли раста», яъни савдогарлардан, сўнгра уламо, мударрис ва эшонлардан иборат. «Аҳли расталар»да бойларча зоҳирий мутавозелик ва ички мағрурлик, дин намояндаларида — сохта виқор ва савлат... Айниқса, булар салмоқдор одим отиб, секин-секин юриб келишади, эпчил, зийрак «тўй бошилар»нинг мулойим муомалалари билан қарши олиниб, бойнинг ташқари ҳовлисига «қадам ранжида» қиладилар Яна бир қанча минутдан кейин, айни дабдаба билан мойли соқолларини силаб, кекириб чиқадилар. Лекин ҳар бирининг қўлтиғида катта тугун — нон ва ҳар хил мева-чева. Айниқса, уламо ва эшонларнинг тугунлари семизроқ бўлади.
Маҳалла фуқаросига ҳали навбат келмаган. Эски чопонлардан битта-яримтаси соддадиллик билан мабодо келиб қолса, тўй бошиларнинг кўзлари олаяди, қўл учи билан ишорат қиладилар, у бечорани оҳиста туртиб бир четга, девор тагига қаққайтирадилар: «Нега мунча сабрсизлик!» ёки уни бошқа бир уйга чўккалатадилар. Хусусан, бу нарсага Мирзакаримбой қаттиқ риоя қилади. У тўй бошиларга олдиндан уқтириб қўйган эди: «Тартиб бузилмасин, ҳар тоифани ўз вақтида, ўз ерига ўтқазиш, ўзига яраша кутиш керак».
Бу салобатли одамлар орасида хизмат қилган Йўлчи ғоят сиқилди. Юрса калавлагандай, бировни туртгандай туюлади. Йўлчипинг жаҳлини чиқарган ва сабабини тушунмаган нарса шу эди:—Ҳамма ёқ сув қуйгандек жим-жит. Ҳамма шивирлаб гапиради. Тўй бошиларнинг тили кесилгандек. Улар ўзаро нуқул имлашади, бошқаларга ҳам қўл ва кўз ҳаракати, имо билан иш буюрадилар. Неча лаган ош, неча патнис ва ҳоказо ҳаммаси имлаш, имо билан билдирилади. Юрганда қадамни мумкин қадар тез, лекин юмшоқ босиш, қўл бўшаганда, дарров қовиштириш керак. Ҳатто чойнак-пиёлаларни шиқирлатиш ҳам мумкин эмас... Йўлчи ўз ичида ўйлади: «Ҳалиги болалар қани, ҳалиги шўх йигитлар қани? Нега уларни аралаштирмайдилар? Тўй эмас, аза бу!»
Чиндан ҳам ҳар бир тўйда тўполон қилиб, беармон ўйнаб-кулишга ўргангандан болалар бу «улуғ тўйдан» норози эдилар. Уларнинг ҳар бир ўйинига, ҳар бир ҳангамасига «она бош» бўлувчи Тўхтасин ўртоқларини йиғди, уларга шивир-шивир билан бир нимани тушунтирди. Саккизта бола бирдак: «Бўпти, жуда соз!» дейишди-да, деворга тирмашиб, томга ғизиллашди. Тўхтасин ориқ-ифлос бир кучукваччани кўтариб, ҳаммадан кейин чиқди. Томдан томга сакраб, тўй бўлаётган кўчага ёндошган баланд томга келиб, бўғот лабида жимгина, писиб ўтиришди. Муҳиддин билан Нурмат Тўхтасинни қистади:
— Нега бўзариб қолдинг, қўрқасанми? Бизга бер!
— Шошма, қизиқроқ бўлсин-да!— жиддай жавоб берди Тўхтасин.
— Анов бойваччанинг устига чиптирайми? Жуда қистаниб турибман?—Собир жиддийлик билан маслаҳат сўрайди ўртоқларидан.
— Йўқ... Ана ўзиям билгандай нарёққа кетди.
— Нишолдани маза қилиб еб ўтирган ҳов ану саллаликни кесак билан боплайми?— деди Маҳмуд.
— Йўқ! У киши домламиз-ку,— жавоб беради бири. Маҳмуд қуёшдан кўзларини пана қилиб, тикилади:
— А, домламиз экан! Умрларида нишолда кўрмагандай, бошларини кўтармайдилар-а.
Ҳаммалари кулишади.
Почапўстин кийган, серсавлат, бир-биридан такаббур бойлар эшикдан гердайиб чиқиб, бир неча қадам босишган эди. Тўхтасин кучукбаччани баланд кўтариб ташлади. Ҳамма болалар бирдан ва-ха-холаб қочишди. Кучукбачча нақ ҳалиги «казо-казо»ларнинг оёқлари остига тушди... Улар чўчиб алангланиб орқага чекинишди. Кучукбачча қулоқнн йиртадиган товуш чиқарди: «анг-анг-анг...» Аянчли кўзлари билан бир зум атрофга жавдираб қараб, кейин оқсоқланиб, тўппа-тўғри Мирзакаримбой ўтирган стулнинг тагига кириб кетди, секинроқ, лекин дардчил ингровчи товуш билан яна ангиллай бошлади.
Ғазабдаи Мирзакаримбойнииг кўзлари пир-пир учди, ранги оқарди, Ёрмат том томонга кўзларини олайтириб, қочган болаларнинг орқасидан боплаб сўкишни мўлжаллади-ю, лекин қаерда, кимлар ўртасида турганини дарҳол эсига олиб, товушини ҳалқумда бўғди, лаблари мудҳиш қийшайиб, қимирлади, бармоқлари билан томга дўқ қилди.
Йўлчи кулгидан ўзини тута олмай, бир четга бурилди: «Роса томоша бўлди, болалар ўчларини олди!» деди ичида.
Ҳассакашлар қаторида, скамейкада ёнма-ён ўтириб, хушхўр, хуштаъм қиёмдан ва нишолдадан бошларини кўтармай, соқол-мўйловларига оқизиб-томизиб, кавшаётган имом — мактаб домласи ва бир мударрис ҳам, бу муносабат билан болаларга ҳусни ахлоқи таълим хусусида бир оз даҳанаки жанг қилишди.

III

Вақт шом билан хуфтон ораси эди. Тўйнинг юмушларидан эндигина қутулган Йўлчи тўққиз ёғочли, пастгина, кун тушмас, зах уйда, шишаси ярмидан учган кичкина лампани тутатиб, ёлгаз ўтирар эди. Бу уй —«хизмат-корхона», бойнинг ташчқари ҳовлисининг қуйи томонида, баланд, кўркам уйларидан четда, бир бурчакка тиқилган, шунинг учун кўзга чалинмас эди. Уйнинг тўрига чурук қора намат ташланган. Қуйи томони яланғоч ер, тахмонда бир эски яшик. Унинг устида иккита увада кўрпа, тошдай қаттиқ, кир, «шалврак» ёстиқ. Даладан бирон юмуш билан қайтган хизматкорлар бунда қўнар эди. Бу кун Йўлчи бу уйга биринчи дафъа кирган эди. У «мўл-кўл» тўйда юмуш билан овора бўлгани ва ўзининг тортинчоқлиги орқасида, қорнини унчалик тўйғиза олмаган. Совуқ деворга орқасини суяб ўйлар эди: «Ҳамма ўзини билади, ўзим бўлай дейди. Қорним тўқми-очми, қариндош хўжайинларнинг парвойи палагига ҳам келмайди».
Эшик очилди, Салимбойвачча гўё бу уйга киргали ҳазар қилгандай, бошини тиқди.
— Йўлчибой, шу ердамисан?
— Ассалом,— Йўлчи ўрнидан турди,— тўйда кўринмадингиз, Салим ака?
— Дўконда эдим. Ёрмат йўқ, сен извошни қўш, бир ерга бориб келамиз.
— Извош?— ҳайронлик билан кўзини катта очди Йўлчи.
— Кўрмагансан-а... Бир ойдан бери минамиз-ку, янги от, янги файтун. Катта майдондаги саройда. Ҳа, қўшишни, ҳайдашни биласанми?
— Уриниб кўрамиз.
— Тез бўл!
Извош янги шаҳар кўчаларидан бирида, деразаларидан электр ёруғи кўринган бир қаватли, янги бино қаршисида, бир неча извошлар қаторига тақалиб тўхтади. Салимбойвачча аравадан тушиб: «Мени шу ерда кутасан», деди-да, зинадан тез-тез ҳатлаб, бинонинг ичига кириб йўқолди.
Кеча жуда қоронғи ва туманли эди. Кенг, текис кўчага узоқдан чироқлар туман ичида хира совуқ нур сепади.
— Қалайсан, ука!— биров келиб туртди. Йўлчини. Йўлчи бу кишининг юзини кўрмасданоқ овозидан таниди.
— Ҳа, саломатмисиз, Жўра ака!— қўлини узатди унга.
— Қачон олибди, оти чоғроқ кўринади,— кўзини дам отга, дам аравага тикиб, деди Жўра.
— Яқинда олишибди. Биринчи ҳайдашим, Ёрмат ака ҳайдаб турар экан шекилли.
— Бу кеча отамлашар эканмиз. Бу ёмон ҳунар. Изғирин урган баргдай совуқда бужмаясан, зерикасан.
— Қаерга келдик?— сўради Йўлчи.
— Ишинг бўлмасин. бу ер арши-аъло. Унча-мунчага насиб бўлмайдиган жой... Пулларни шу ерда совиради бойлар. Қани, бери кел, хангамалашамиз.

* * *

— Хўш, нима буюрамиз?—сўради лабини ялаб Салимбойвачча.
— Қаттиқроғи бўлсин, мен коньяк,— жавоб берди пахтачи Жамолбой.
— Қўйинг, мен қизил ичаман,— деди Салимбойвачча. Салимбойвачча катта гавдаси билан стулни қисирлатиб, йўғон, гўштдор қўлларини қордай оқ сурп тўшалган столга қўйди.
— Таъби шумо...? Абдишукур, айтинг!
— Менми?— Муаллимнинг тўсатдан берган саволи қаршисида довдираган бола каби, тараддудланиб, жавоб беришга уринди Ашдишукур,— менми? Менга нима ром келишини ўзим ҳам билмайман. Лекин, докторлар коньяк буюрадилар, майли, коньяк бўлсин...
— Сиз ҳар вақт Жамолбой акам билан чўқиштирасиз, бизга жўр бўлинг, қизил ичинг!— Салим ҳазиллашди Абдишукурга.
— Бу киши менинг валинеъматим, пирим бўлади,— жиддий жавоб берди Абдишукур.
— Қизиқ. Илмсиз, ҳатто қўл қўйишни билмайдиган одам қандай қилиб сиздек илмли одамга пир бўлади?— кўзларини айёрча қисди Салим.
— Тарихдан маълумки, кўп авлиёлар тамом оми бўлганлар. Пайғамбаримиз ҳам оми эдилар, Салимжон!— жавоб берди кулиб Абдишукур.
— Абдишукурни худо гапга бичган, енгиб бўлмайди — деди Жамолбой пихиллаб.
Официант бир шиша коньяк, бир шиша қизил вино олиб келди, бир оздан сўнг туркистонча ва кавказча кабоблар тақдим этди.
Стаканлар бўшалган сари, юзлар қизариб, гапнинг калаваси чувала бошлади.
— Ичинг, Салимжон, ичинг, Абдишукур!—хитоб қилди Жамолбой,— беш кунлик дунёни кайфчоғлик билан ширингина ўтказиш керак. Кеча бир оз карта ўйнаб, кетидан тоза ичибмиз, Масковдан келган бир фавуркончи ўриснинг тўрт минг сўмини ютибман. Ичишда ҳам қочирдим уни, азбаройи худо! «Сарт» ҳам шунақа ичадими, деб ҳайрон бўлади. Қани, совиб қолмасин, ичинглар!
Ёлғиз бойларга ҳам катта амалдорларга муяссар бўлувчи бундай ҳашаматли ресторанда ўтиргани учун хурсанд бўлган, кайфи кўтарилган Абдишукур Умар Хайёмнинг мана шу рубоийсиии ёддан ўқиб кетди:

Чандон бихурам шароб, кин бўйи шароб,
Ояд зи туроб, чун равам зери туроб,
То бар сари хоки ман расад махмуре
Аз бўйи туроби ман шавад масту хароб.

Сўнг бундан ҳеч нима тушунмай, кўзларини бақрайтирган дўстларига бу рубоийнинг маънисини тушунтириш учун шошилди.
— Ўзи жуда лаззатли байт экан,— завқланиб гапирди Жамолбой,— шуни тожики қилмасдан, ўзимизча тўқисангиз бўлмасмиди?
— Кечирасиз, буни рубоий дейдилар. Шоир Ҳаким Умар Хайёмники...— жавоб берди Абдишукур.
— Хаҳ, мундай денг. Сизга бунақа байтларни тўқиш тош ичидан сув сиққандай оғир гап-ку, албатта, лекин мулла Абдишукур, шундай лаззат берадиган қилиб тўқишга урининг.— Жамолбой стаканни оғзига ағдариб, яна сўзида давом этди:— Ўзи ҳам мендан баттар арақхўрга ўхшайди, оти нима у тожикни, Умар Баҳромми?.. Ҳа, жиндай янглишибман, Халлам... Сизники бўлса, нуқул «кўз очайлик», «илм боғида сайрайлик», «жаҳолат пардасини куйдир», тағин қизиқлари бор, хўш, «замбилғалтак», «Қўқон арава»... Кимнинг кўзи юмуқ? Меними? Салимжонними? Ҳакимбойваччаними? Ҳакимбойваччадек ҳушёр йигит қайда? Боёнларамизнинг бари ҳушёр. Ақли бўлгани учун бой бўлганда. Шундай эмасми, Салимжон?
— Дуруст, Жамолбой ака,— Салимбайвачча сўзга киришди,— кўзимиз очиқ. Лекин саводли, ўқиган бой билан ўқимаган бой орасида фарқ бор. Ўқиган бой йўл-йўриқни тушунади, ишда оз қоқилади.
— Бу жуда тўғри гап. Ўзимдан қиёс қиламан. Ишим ёмон эмас-ку, лекин йўл-йўриқни оз биламан. Закунга тушунмайман. Ўрис орасида юриб, беш-ўнта сўз ўрганиб олганман, шуни ишга солавераман. Энди болаларимни ўқитмоқчиману, аммо дини сусайиб кетмасмикан, деб қўрқаман. Тунов кун бир абразаван ўрис билан учрашганимда, энди бизнинг «сартни» болалари ҳам школда оз-моз ўқияпти» десам, у хафа бўлди... «Сарт» чистий халқ, школда «сарт»нинг дини бузилади, сенларнинг эски школларинг яхши» деди. Кофир бўлса ҳам, инсофли экан, деб ўйладим.
— Жамолбой ака,— кўзларини мастча сузиб гапирди Салимбойвачча,— диний исломни қўлдан бермасдан, шариатни дилимизга маҳкам жойлаб, замон илмларини ўқилса, зарар қилмайди. Сайидалим аканинг ўғли гимназия деган катта мактабда ўқийди. Мактабга шапка кийиб борди-я. Тушундингизми, шапка!
— Бекор гапдир, мусулмон боласи шапка кийсин?— Жамолбойнинг кўзлари ўйнаб кетди.
— Лекин, ўз уйида беш вақт намозни канда қилмайди. Мен яхши биламан. Ичайлик.— Салимбойвачча стаканни кўтарди.
— Апельсин, коньяк!
— Бир шиша «марсала»!
— Жамолбой, бир дақиқа рухсат етинг, кичкина изоҳ бераман...— аста туртиб Жамолбойни ўзига қаратди Абдишукур,— мен сизга кўп дафтьа гапирсам ҳам, ғолибо мақсадимни ҳали тушунтиришга муваффақ бўлган эмасман. Каминанинг ғоявий ҳаёти шундай, яна такрорлайман: миллий сармояни ўз бойларимиз — мусулмон бойларимиз тўла эгалласинлар, яъни бутун Туркистонимизда тижорат шу бойларнинг қўлида бўлсин, бу билан қаноатланмай, завод-фабрикалар қурсинлар. Масковга, Варшавага ва ҳоказо шаҳарларга ўзлари мол олиб борсинлар, у ерлардан ўзлари мол келтирсинлар, дейман. Ўртадаги шу яҳудий, ўрис савдогарларининг думини қисиб қўйиш керак, дейман. Миллий сармояни кучайтириш учун савдо-саноат илмини билиш, замондан огоҳ бўлиш лозим, Жамолбой ака. Тўғри, бизда ҳушёр савдогарлар, эпчил бойлар бор, улар кўпаймоқда. Аммо бу кифоя қилмайди. Комерсант бўлиш керак, яъни илмий иқтисодни, илмий тижоратни билган савдогарлар етишуви керак. Каминанинг дарди энди бир даража англашилдими? Миллий сармоя учун ичайлик!
— Комерсант бўлиш керак. Миллий сармоя учун ичаман!—стаканни бўшатди Салимбойвачча.
— Оқподшоҳнинг ғазнасидан чиққан ҳамма пул жуҳудда,— стаканга коньякни тўлдириб, пихиллаб гапирди Жамолбой,— шу баччағарларни синдиришга илож бўлсайди. Гапиринг Абдишукур, жуҳуднинг пулини қандай қилиб ўзимизга ағдарамиз?
— Бунинг учун комерсантлар керак, бу бир, сўнгра иттифоқ керак, яъни мусулмон бойлари бир-бирларини қўлтиқласалар...— самимият билан жавоб берди Абдишукур.
— Э... бизда бойлар бир-бирини кўра олмайди, бирлашмайди, шуниси чатоқ-да,— шикоятланди Салимбойвачча.
— Биз жадидлар ҳам бу аҳволга ачинамиз...— бошини чайқаб деди Абдишукур
— Мен ким? Жадидми?—кулиб сўради Жамолбой,— Мен сизни кўпдан буён жадидга айлантирганман.
Ўзингиз сезмайсиз-да!—Жамолбойнинг елкасига қоқиб жавоб берди Абдишукур.
Бир шиша коньяк, бир шиша «марсала» ва чиройли вазага қубба шаклида терилган апельсин келди. Жамолбой ҳали тетик эди. Абдмшукурнииг кўзлари хийла бесаранжом. Иккинчи шишага аввалгидай иштаҳа билан ёпишмади. Салимбойвачча «марсала»дан икки стакан ичиб хийла маст бўлди. Энди оғзига келганини қисилмасдан гапишришга, хотинлар билан кўз уриштиришга, уларни имлашга бошлади.
Ресторанда ҳаёт борган сари қайнайди. Музика ҳар хил куйларни чалади. Одам қалин, аксари яхши кийинган евруполик бойлар ва амалдорлар. Татар савдогарларидан ҳам кўринади. Туркистонликлардан эса, бу столдагилардан ташқари, яна бир қанча киши ўтиради. Бир томонда қўйчи Султонбекнинг укаси Арслонбек, у ёлғиз, мастликдан мудрайди, стол тўла пиво шишаси. Ўртада заводчи бойнинг ўғли Миркомилбойвачча икки ёш хотинни ёнига олиб, дўпписини столга қўйиб ўтиради. Дам оёғини чалиштириб, кичкина, бичимсиз юзини мастларча буруштириб, папирос тутатади, дам хотинларнинг оғзига вино тутади, уларга нималарнидир шивирлаб «ҳиринг-ҳиринг» кулади. Бу ёш бойвачча учун ресторанда гўё ҳеч ким йўқ, бу жой ёлғиз унинг айшгоҳи... Пастроқда, бурчакдаги столда, тоза буюмлардан, лекин қўполроқ тикилган кийимларда гавдали, миқти тўрт киши — афтидан, тўқмоқлик ё олматалик «сарт» савдогар ўтиришади; столни шишалар қоплаган, улар тўкмада, ё гап-гаштақда ўтиргандай, қичқириб гаплашади, қаттиқ кулишади. Бу «улфати чор» ичида катта саллали, оппоқ соқолли, лекин важоҳати йигитдай, бир кекса киши ўзининг серзавқ кулиши, ичиши, хуллас, бутун сиймоси билан кўп одамларнинг диққатини ўзига жалб этади.
Салимбойвачча ўз ёнига бир хотинни ўтқазди. Хотиннинг ёши ўттиздан ошган бўлса-да, упа-элиги, пардози билан ёшроқ кўринар эди, у елкаси кенг, кўкракдор, лўппи юзли эди.
— Шампанский!— буюрди бойвачча.
— Керак эмас,— ёлғонни ростдай қилиб деди хотин.
— Яна нима керак? Ширинликдан нима?— мастликдан русча сўзларни ярим-ёрти ғулдираб, сўради Салимбойвачча.
Жамолбой лабларини ялаб, бетоқатланиб гапирди:
— Дуруст, дўндиққина экан. Абдишукур, имланг битта ойимчани, у ёқ-бу ёғини киши билмас ушлаб ўтирамиз-да, кейин олиб жўнаймиз.
— Шу хотиннинг ўртоғи бор эди. Яхши жонон. Қаёққа йўқолди экан. Ҳали шу билан бирга эди-я.
— Сизга-чи? Сиз ҳам айшдан четда қолманг!
— Иккалангизнинг маҳбубангизни томоша қилсак, бас.
— Бе... таомни ҳидлаған билан қорин тўядими! — Жамолбой хотинга тикилиб ғулдиради.— Мадам, ич, ич. Хурсанд бўласан, ич. Апатўм гулайтга борамиз.
— Қизиқ,— кўзларини қичиқ сузиб, хотин гапира бошлади,— сартлар ё сира ичмайдилар, ё бир ичсалар, уларни тўхтатиб бўлмайди. Умуман азиятлар ажойиб халқ...
У, аввал Салимбойвачча, кейин бошқалар билан чўқиштириб шампанскийни ичди-да, йирик-кўкчил кўзларига шўхлик ва ишва беришга тириша бошлади. Ундан қўз узмаган уч «сарт»нинг фикри ва эҳтиросига ҳоким бўлиш учун сахий таннозликнинг ингичка томонларини бирин-сирин ўртага отаверди. У ўз ролини қўлга олди, ичкиликни ўзи қуяди, ичишга зўрлайди, овқат ва ичимликлар варақасига кўз югуртиб, ўз хоҳишича танлаб, мўл-мўл буюради. Тинмасдан гапиради. Соддароқ ва беғамроқ, шу билан бирга ҳайбатли кўрингани учунми, Жамолбойга кўпроқ гап отади, ҳазиллашади. Жамоблой унинг баъзи ҳазилларига яхши тушунмайди. Қалин тилини чиқариб хотинга кўрсатади, калласини тебратади ва Абдишукурга мурожаат қилади.
— Абдишукур, масхара қиляптими дўндиқча? Тилмочлик қилинг.
— Йўқ, эс-ҳуши сизда, муҳаббатингизнинг домига тушди,— жавоб беради Абдишукур.
— Муҳаббатни билармиди? Илинжи пул... Пулинг бўлса, ҳаммага ёқаверасан, онаси ўпмаган малика қизлар сенга қучоқ очади. Бу замон — пул замони. Сўранг, дўндиқчанинг оти нима экан?
— Анна, Анна,— деди Абдишукур.
Шу вақтда баланд бўйли, жуда кўркам кийинган, кўзлари ва оқ нафис юзлари кулимсираган, бутун андоми, сиймоси дуруст оилада тарбия кўрганлигини тасдиқловчи ёш хотин Аннага яқинлашди, унга эгилиб, узоқ шивирлаб бир нимани сўйлади, сўнг иккиси ҳам кулишди, хотин кетмоқчи экан, Жамолбой унинг қўлидан дадил ушлади-да, бир қўли билан бўш столни ўз ёнига сурди:
— Ўтир, мадам, ўтир!— кафти билан стулни тап-тап урди.
Хотин бир минут тараддудланиб, сўнг жимгина ўтирди.
Анна Салимбойвачча билан машғул бўлганидан, ўртоғининг ўтирганини сезмай қолди. Кейин, огоҳ бўлгач, қошларини чимирди, хўрсинди, кўзларида норозилик сезилди.
Яна янги овқатлар, ичимликлар, лаганчаларда анор ва олмалар келди. Ишрат қизиб кетди...

* * *

Йўлчи соябони кўтарилган извош ичида ўтирар эди. Кучли изғирин юзнинг терисини шилгандай, ачитади, қулоқларни кесади, совуқдан оёқларининг бармоқлари увушади. Унинг қорин оч, ичакларини бир нима юлгандай, совуқ шамол ичига кириб, бутун ичини кемиргандай... Қоқ ярим кеча. Атрофда — миршаблар ва бақиришган битта-яримта мастлар, истисно қилинса — бошқа ўткинчи, бошқа товуш йўқ. Фақат шу ердагина бир оз ҳаракат бор. Извошчиклар келиб-кетиб туради. Хотинлар, эркаклар ёт тилда чуғурлашади, кулишади, яна бир зумда кўчага жим-житлик қуюлади.
Жамолбойнииг хизматкори Жўра айш-ишрат, фаҳш тўғрисида кўрган, билган ва эшитганларини анча вақт сўзлаб: «Ухлайвер, бу кун тонготар қилишади хўжайинлар» деб ўз аравасига юмалаган эди. Аммо, ўрганмаганликдан, қорин очликдан, Йўлчининг уйқуси келмади
— Йўлчибой, шу-шундамисан?— тўрт-беш қадам наридан бўғиқ, маст овоз эшитилди.
— Салим аками? Нима, кетамизми?
— Шош-шошма!
Йўлчи ерга сакради. Салимбойвача қоронғида дарахтни қучоқлаб, узоқ ўқчиди. Сўнг, чайқалиб-чайқалиб Йўлчининг қўлини маҳкам ушлади.
— Юр, юр хозир! А-арава тураверади. Бўб-бўри емайди. У мен-меники, юр!— Йўлчининг қаршилик кўрсатишига қарамай, ўжар маст маҳкам ёпишиб, судраб кетди.
Йўлчи кўз қамаштирарлик ёруғ ва ғовур-ғувурли залга кириши билан боши айланиб, саросима бўлиб қолди. Бу жой, ундаги одамлар, асбоб-ускуналар унинг учун тамом бегона эди. Салимбойваччанинг орқасидан кетавермасдан, бир муддат эшик олдида тўхтади ва уни кўздан қочирди. Атрофга аланглаб, бойваччани қидирар акан, уни боши билан имлаб чақирган Абдишукурга кўзи тушди. Уялса ҳам дадил юриб борди, стулга ўтиргач, кўзларини қаёққа яширишни билмай қолди. Икки хотиннинг ўртасида ўтирган Салимбойвачча бир стакан тўлдириб, унинг олдига қўйди.
— Ич, овқатни ур!
— Мен ичмайман, раҳмат.
— Ичкилик бўлса Жўра ўзини томдан ташлайди. Кўчада совуқлагансан, ич, йигит!— деди Жамолбой гердайиб.
Йўлчи ичмади, овқатга ҳам иштаҳаси бўғилган эди. Совиб қолган кабобдан бир сих олди. Икки хотин — Анна билан Мария — Йўлчидан кўз узишмай, унинг тўғрисида шивир-шивир сўзлашмоққа, гавдасига, куч тўла гўзаллигига суқланиб боқиб, маъсумлигидан, соддалигидан кула бошлади. Мария стаканга ширин винодан тўлдириб, ўрнидан турди-да, Йўлчининг олдига ўтди.
— Вино яхши, яхши,— стаканни ўз қўли билан Йўлчининг оғзига тутди.
Йўлчи винони ҳидлаб, юзини буриштирди-да:
— Йўқ!— бошини чайқади у.
Хотин ўжарлик билан ичкизишга тиришаверди. Абдишукур ёрдами билан «ич» деган сўзни ўрганиб, қистади:
— Геркулес, ич, яхши вино...
Йўлчи буларга масхара бўлмаслик учун стаканни қўлига олди-да, икки қултумда бўшатди, лабини артиб яна секин ўтираверди. Хотинлар кўкракларини силкитиб, қаттиқ кулишди. Анна ҳам Мариядан орқада қолишни истамади. Стаканга вино тўлдириб болани алдагандай, бачкана қилиқлар билан Йўлчига тутди. Йўлчи қўлининг кескин ҳаракати билан ичимликни рад қилди-да, тескари бурилди. Анна таклифни такрорламасликка мажбур бўлди.
Йўлчининг орқасидан кимдир туртди. Йигит ялт этиб қаради: баланд бўйли, йўғон, серсоқол, текис сочлари мой суркалгандай йилтираган кекса рус унинг орқасида турарди. У «эшикка чиқ!» деган маънони қўл билан ишорат қилди. Йўлчининг бошидан олов қуйгандек туюлди. У қизариб ўрнидан тураркан, Салимбойвачча ўтиришни қатъий равишда буюрди ва чолга бир нималарни тушунтирди. Чол «ихтиёр менда эмас» деган каби елкасини қисди-да, сўнг, бирдан бўшашиб илжайди.
— Ўлтираверинг, чол ҳам чой чақа оладиган бўлди, — деди Абдишукур Йўлчига.
— Ичайлик!— Салимбойвачча бир қўли билан Аннани қўлтиқлаб, иккинчи қўли билан стаканни симирди. Жамолбой ҳали ҳам тетик. Ўзининг йўғон, гўштдор бармоқлари билан гоҳ Мариянинг ингичка, нафис қўлини, гоҳ унинг тиззасини силаб қўяди.
Ичкилик таъсирида хотинларнинг қилиқлари жуда енгиллашади, кўзлари, юзлари ёнади. Тинимсиз гапиришади, кулишади. Абдишукурнинг кайфи баланд бўлса-да, ҳуши ҳали ўзида, мумкин қадар ўзини ҳушёр тутишга тиришади. Оз ичиб, кўпроқ овқат ейди. Ҳозир унинг қулоғи қўшни стулда, икки руснинг муҳокамасида, уларнинг бири кексароқ одам, у ё чиновник, ё катта савдогар, ёки айни замонда ҳар иккиси... Иккинчиси ўрта ёшлар, кўзойнакли ва кийимга ғоят зеб берган одам. Буни Абдишукур инженерга ўхшатди.
— Кўрдингизми, бу осиёликлар ваҳший бўлсалар ҳам, баъзи бир фазилатларга эга эканлар, мана бу «сарт» ўз хизматкори, балки қули билан бирга ичишади. Демократия!— деди инженернамо.
— «Сарт»лар ирқ жиҳатидан, албатта, паст,— тарелкадаги гўштни пичоқ билан кеса туриб гапирди чиновник,— улар маданиятга мутлақо қобилиятли эмас. Яқинда бир профессор илмий жамиятда бу даъвони жуда яхши исбот қилди. Биласизми, мен бу иссиқ мамлакатда йигирма йилдан бери яшайман. «Сарт»ларнинг психологиясини яхши ўргандим. Улар ирқан паст. Леқин бунга қарамай, баъзи хусусиятларни кўрсатадиларки, буни фан ҳали ойдинлата олмайди. Менинг мушоҳадамга қараганда, уларда, масалан, бадиий сезги анча ўсган. Улар гулни севадилар. Кийимлари чиркин бўлса ҳам, қулоқларига гул қистириб юрадилар. Ашулани, ўйинни жуда ёқтирадилар... Лекин, уларнинг ҳаммаси қўрқоқ, ҳаммаси айёр. Уларнинг орасида оз-моз самимий биронта одамни учратганим йўқ, ишонасизми?
— Баъзи ваҳший халқларнинг, масалан, негрларнинг мусиқийсини, куйларини мақтайдилар. «Сарт»ларники қалай?— сўради инженернамо.
— Қўлларига бир лаганча, ё патнис олиб бақирадилар. Бундан сиз ва мен ўн чақирим нарига қочамиз,— стаканни бўшатиб, лабларини оппоқ сочиқ билан соқол аралаш артиб, гапирди чиновник.— Лекин, улар бошларини букиб, мутлақ сукут билан тинглайдилар. Бир неча мусиқий асбоблари ҳам бор. Ғоят ибтидоий. Яна аҳмоқларча одатлари бор: ерда оёқларини букиб ўтирадилар. Бизга бу нарса катта бир азоб. Уларга роҳат эмиш! Бой бўлсин, камбағал бўлсин, барибир, «сарт»нинг уйида битта пиёласи бўлади. Иккита қилса, одат бузилади ҳам катта гуноҳ ҳисобланади!..
— Василий Иванович!— винони ичиб, бифштексдан кичкина бўлакни оғзига ташлаб, сўзлай бошлади инженер,— биласиз, мен бу ерда янгиман, яқин ўртада жўнашим мумкин. Лекин Тошкентнинг осиё қисмини кўрганим йўқ ҳали. Ёлғиз боришга, тўғрисини, айтсам, қўрқаман. Чунки, «сарт»лар сиз деганингиз каби, гулни, ашулани қанчалик севмасинлар, ҳар ҳолда ваҳший халқ. Ваҳший халқларда қонхўрликка тамойил зўр бўлади. Бу—шубҳасиз ҳақиқат! Кеча Петербургдан хат олдим. Хатда хотиним нақ шу масала тўғрисида гапиради, менинг тўғримда хавфланади, эҳтиёт бўл, дейди. Шунинг учун «сарт»ларнинг шаҳрига ким билан боришимни билмайман, сизнинг вақтингиз мусоида қиладими, бирга тушар эдик?
— Жуда яхши, мен тайёр,— жавоб берди чиновник,— сизга ўрта асрни, балки ундан аввалги даврларни кўрсатаман. Ваҳший, лекин гўзал манзара!.. Айниқса, сиз учун, петербурглик учун!.. Петербургга қайтганингизда ўз таассуротингизни пойтахт хонимларига сўзлаб берсангиз, ажиб бир поэма каби тинглажакларига шубҳа қилмайман.
Абдишукур «сарт»лар ҳаётини ўрганишга мароқланган бу петербурглик зиёлига баъзи маълумотларни мулойимлик билан тушунтиришни истаса ҳам, лекин бунинг учун имкон топмади. Энди унинг диққатини ўз столида пайдо бўлган янги овқатлар жалб этди.
Салимбойваччанинг кайфи — мастлиги ҳаддига етган. Аммо у энди оз ичса ҳам, овқат, ичимликларни аввалгидан кўпроқ буюради. Столда шишалар, ҳар хил асбоблар қалашиб ётади. Анна билан Мария икки бойнинг пинжида, ноз қиладилар, куладилар, ичадилар ва ичишга мажбур қиладилар, баъзан ноз билан койийдилар, баъзан эркалайдилар.
Катта залдаги шовқин-сурон, музика, ичимликларнинг, хотинлар пардозининг ҳиди Йўлчининг бошини айлантирди. У атрофига қараб, юзларча одам орасида ўзи каби биронта кишини кўрмади. Бу ерда хурсандчилик қилган одамлар ҳар бир жиҳатдан унга бегонадирлар. Ҳамманинг кўзи унга қадалгандай, ҳамма унга боқиб: «Нима қилиб ўтирибсан, жойингни топ!» дегандай туюлади. Ҳали чол унинг елкасидан туртиб эшикни кўрсатгандаёқ, унинг кўнгли чил-чил бўлган, бу ерда бир минут қолгиси келмаган эди. Ҳозир қандай қилиб қочишни билмас, у ўз ичида бу ерга мастлик билан судраган Салимбойваччани ва унга бўйсунгани учун ўзини сўкар эди. Ниҳоят иродасини тўплади-да, столдагиларнинг кўзларини шамғалат қилиб, ўзини секингина эшикка олди, ғизиллаб кўчага отилди. Юзига урган совуқ шамол бўсадек ёқимли сезилди. Қоронғида сокин турган отнинг бўйнидан қучоқлади, бармоқлари билан ёлини таради ва бошини силаб: «Совуқми, совуқми? Айналай!» — деди.

IV

Йўлчи эрталаб уйғонаркан, йирик қор парчалари хизматкорхонанинг кичкина деразасига урилар, унинг синиқ ойнасидан уй ичига ҳам учаб кирар; нам таьсирида эски намат қўланса ис тарқатар эди. Йўлчи ўрнидан туриб елкасита эски юпқа пахталик чопонни ташлади, дераза орқали кўринган бир парча кўкка қаради, юрагида қандайдир бир бўшлик, ҳаёт билан робитасизлик сезди. Қўнжи укпа, юзи тошдан қаттиқ қандайдир қалин, қўпол чарм билан қопланган, Ёрматгами, ё бошқа бир собиқ қаролга узоқ иш бериб, ийиғи чиққан, пошнаси қийшиқ этикни кийди, белини боғлади, отхонага чиқиб, гўнгни тўплади, охурларни тозалади. Жодида беда қирқар экан, Ёрмат келди. Эртага никоҳ бўлгани учун арава кераклигини, хўжайин бир-икки кун шаҳарда қолишга буюрганини билдирди. Аравакаш отни эгарлаб, эшикка олиб чиқаётганда, қайрилиб Йўлчини чақирди:
— Катта ойимнинг юмушлари бор экан. Менга буюрган эдилар ишим зарурлигидан, сизни кўрсатдим. Сиз учрашинг. Унутманг!
Йўлчи Мирзакаримбойнинг ичкари ҳовлиси йўлагига кириб, эшикнинг ҳалқасини қоқди. Ичкаридан югуриб чиққан болага: «Катта ойингни чақир!» деди. Сиртига қора духоба қоплаган кўркам пўстинли, бошига юнг рўмол ўраган юмалоқ кампир, совуқданми, ё кўкрак хасталигиданми, ҳарсиллаб келди.
— Эсонмисан, Йўлчибой?
— Тўй мубарак, ойи! Менда юмушингиз борми?
— Ҳа, сан, извошни қўш— овозини пасайтириб, деярли шивирлаб гапирди Лутфинисо,— бир ерда нафаси бениҳят ўткир домла бормиш. Нури у кишига бориб дам солдириб келади. Зинҳор ҳеч кимга оғзингдан чиқарма, тоғанг бозорга кетди, ҳозир олиб борганииг яхши.
— Хўп, хўп.
Йўлчи орқага қайриларкан Лутфинисо яна чақирди:
— Ҳой шошма, мунда кел! Аравани орқа кўчага олиб чиқ, Нури ўшанда тушсин. Маҳалла одамлари қурсин,ўтирса ўпоқ дейди, турсанг сўпоқ, уқдингми?
— Хўп ойи, ҳозир тайёр қиламан..
Йўлчи извошга отни илдам қўшиб тегишли жойда Нурини кутиб тураркан, шундай хаёлга ботди: «Бу нарса Нурининг ҳийласи эмасмикин? Домлага дам солдариш, албатта, баҳона... Қиз мен билан учрашишни истаган. Мени севиши тўғри. У жуда дадил ва айёр қиз. Унинг қўлидан ҳар қандай иш келади. Ҳозир мени бир ерга судрайди. Нима қиламан, қандай насиҳат қилишим керак?.. Борди-ю, у бирдан шундай деса: «Мен сеники, отам, онам зўрлаб бир бойваччага узатади. Мен сендан бошқани хоҳламайман, боғда бир кечаси нима деган эди! Йўл кўрсат, нима қиламиз?» Шундай воқеалар бўлган-ку ахир...
Йўли гоҳ бунга шубҳаланади, гоҳ ишинади. Фикр ва хаёллари учиб, аллақандай саргузаштлар манзарасини чизади. Лекин юраги ажиб, қизиқ, алдамчи, ёрқин кўринган бундай саргузаштларга берилшини истамайди.— У қорни шиддатли элаган тўниқ кўкка қарайди, хўрсинади...
Мана қарши кўчадан тўқ қизил шоҳи паранжида Нури шошиб-пишиб чиқди, атрофга қараб, ҳеч кимни кўрмагандан сўнг, чачвонни очмасдан, Йлчига яқинлашди.
— Йулчибой ака, қаерда жим бўлиб кетдингиз, далада ҳали ҳам иш борми?
— Ишдан қўл бўшайдими. Ихтиёр менда эмаски,истаганимча кезсам...—деди оҳиста Йўлчи.
— Кутилмаган вақтда тўйим бўлиб қолди... Ҳайтовур тўйимга етиб келибсиз, эшитиб жуда севиндим...—Жаранглатиб кулди-да, яна атрофга  қараб қўйди Нури.
— Чиқинг аравага!— деди хомуш бўлиб Йўлчи.
—   Тўхтанг, бошлаб борадиган хотин чиқсин.
Нури извошга ўтирда ва шикоятланди:
— Аксига, қор ёққанини қаранг. Шу вақтда домлага бориш нимаси! Ҳар бало ойимдан чиқади. Ирим-чирим бўлса бас... Уйда иссиққина ўтиргандим, худой кўтарсин домлани...
Йўлчи уч-тўрт минут илгариги ўйлари, хаёллари, ташвишланишларни эслаб, ўзини тута олмади, бирдан хахолаб кулиб юборди.
— Нимага куласиз?—Нури шубҳаланиб сўради. Йўлчи бир зум нима жавоб беришни билмай қолда, сўнг деди:
— Қўяверинг. Дунёда нима кўп—кулги кўп. Бир қизиқ нарса эсимга тушди, опа.
Нури бошқача тушунди.
— Ҳа, биламан. Энди доим эслаб-эслаб кулаверасиз, майли.
— Йўқ. Ундай ўйламанг.
Чурук паранжи ёпинган бир хотин узоқдан шанғиллаб келаверди:
— Қор ҳам қурсин, кавушим ҳам қурсин. Нуриой, хурмачанинг тагини хўп ялаган экансиз-да.
— Йўқ, Хайри хола, сира яламасдим.
— Извошларинг шунақа юмшоқми-а? Нақ бахмал тўшакдай, жоннинг ҳузури-я,— ўтирган замон шанғиллади хотин.
Йўлчи «Хадра»дан, «Охун гузар»дан ўтиб, хотиннинг кўрсатишича, торроқ кўчага кирди, бир хароба уйнинг шалақ эшиги олдида отни тўхтатди.
Томларда, дарахтларда қор анча қалинлашган. Яна шиддат билан ёғишда давом этади. Кўчада болалар кўп. Аксарининг уст-боши юпун, маҳсиларининг йиртиқларидан кир пайтавалари осилиб туради, кимларда похол тиқилган эски калиш, кимларда жағи йиртиқ кавуш, лекин улар шод. Биринчи қор атроф манзарасини ўзгартиб, уларга янги ўйинлар келтирган. Қий-чув, сўкиш, бақириш, хохолаш кўкни тутади. Улар иккига бўлиниб «қорбўрон» ўйнайдилар. Қордан кичкина юмалоқ ясаб, думалата-думалата, ўз бўйларидан баланд, катта курра ясаганлар. У жуда оғирлашган. Беш-олтита бўлишиб аранг қўзғатадилар. Бармоқлари ачишади, дам-бадам оғизларига, қўлтиқларига тиқадилар, пуфлайдилар...
Йўлчини бир нафас тинчсизланган ҳалиги хаёллардан энди из ҳам йўқ. Унга энди ҳамма нарса равшан, яқин-дагина, сени яхши кўраман, деб унинг бўйнига осилган қиз, бу кун унинг олдида тақдирга тан берганлиги ҳақида бир оғиз узр айтиш эмас, ё бутунлай сукут қилиш эмас, ҳаёсиз бир суратда ўз қувончини билдирди. Йўлчи унинг ҳар бир сўзида, овозида, кулгисида қувонч ҳам тақдирдан розилик сезди. Бу нарса камбағал йигитнинг иззат-нафсига теккан эди, албатта. Лекин қизнинг севгисига илгаридан шубҳаланганди, ўз кўнглида ҳам у қизнинг муҳаббати ёнмагани, Мирзакаримбой хонадонида ўз вазиятини яхши билгани учун, ақлли Йўлчи бу ҳодисанинг табиий эканига чуқурроқ ишонди, кўнглида бир лаҳза учган беҳуда, алдамчи хаёллардан қутулди. У ҳозир болаларнинг шўх, жонли, қайноқ ўйинларини томоша қилади. Ўзининг кечмиш болалиги, қишлоғи, ўртоқлари ёдига тушади. У ҳам яқинда кичкина, оловдай бола эди. У, ҳамма қишлоқ болалари каби, ёшликдан меҳнатга киришган бўлса-да, аммо ўйинларга ҳам вақт топар эди. Хусусан, қиш чоғларида... Фақат бундай тор, сиқиқ кўчада эмас, кенг майдонда, шовқин-суронли қиш ўйинлари — баланд тепадан ойнадек сирпанишлар, думалашлар, чаналарда учишлар...
Кафтда сиқила-сиқила қаттиқлашган, тухумдай қор «ёвга» тегмай, адашиб, Йўлчининг бошини ялаб, дўпписини қийшайтириб ўтади. Болалар кулишади. Йўлчи ҳам самимий кулади. Унинг кўнгли очиқ, содда йигит эканини билиб болалар бирин-сирин яқинлаша бошлайдилар. Ҳаммасининг кўзи отда ва извошчида, уларнинг кўзларида ёнган орзу: извошга ўтирсалар, отни қаттиқ чоптириб, «пўшт-пўшт!» билан шаҳарни айланиб чиқсалар, ҳаммани ҳайрон қолдирсалар... Баъзилари отга тегажаклик қиладилар, баъзилари аравани ушлаб, силаб қўядилар,— нимадан ясалган?
— Неча пулга олгансиз?— сўради қора, шўх бола.
— Эгасидан сўра, мен қайдан билай,— кулиб жавоб беради Йўлчи.
— Извош ўзиники бўлса, шунақа кийим киймасди,— болаларча ҳақгўйлик билан тушунтирди иккинчи бола.
— Шу ердан, нақ шу ердан Шайхантовургача қанчада борасиз?— бири жиддий сўрайди.
— Кўз очиб-юмгунча.
— А, бизани боққачи?— ҳовлиқиб сўрайди бошқаси.
— Боғингизнинг қатта эканини бу киши биладими? — деб бирдан хахолашади болалар. Йўлчи ҳам бутун азамат гавдасини силкиб кулади.
Чурук паранжили хотин, овозини барала қўйиб, қорни, кавушини қарғаб, Нури билан бирга домланикидан чиқди. Нури ўтирмасдан илгари, қўша-қўша олтин билагузук таққан билакларини чиқариб, паранжини тузатди. Хотин валдиради:
— Нуриой, ойингиздап тўрт газгина чит олиб берасиз, албатта. Лозим қилиб кияман, унутманг. Худоё куёв бола билан қўшақаринг!
— Хўп дедим-ку, минг марта гапирасизми?—деди силтаб Нури.
— Шу укамга ҳам худо яхши қиз ато қилсин!— яна валдиради хотин.
— Тўйларида ман ҳам хизмат қилай...— кулиб деди Нури.
Йўлчи бу сўзларни эшитмагандай бўлди. Аёллар ўтиришгач, узун қамчини ҳавога кўтарди: «чуҳ!»
Қор аралаш шамол унинг юзига кескин урди. Қулоқларида орқада қолган болаларнинг овозлари янгради:

Ёмғир ёғалоқ,
Эчки туғалоқ.
Бойнинг қизининг
Қорни юмалоқ...

Йўлчи қайтаб, зах уйга — хизматкорхонага кирди. Уйнинг деворларидан нам, моғор ҳиди ва совуқ эсади. У қиш чоғи бошпанасиз қолиб, илиқ жойни қидирган шўрликлар сингари бир бурчакка тиқилди. Қор ва шамол кучая борда. Ташқарида қишни ва қорни соғинган қарғаларнинг қағиллашлари...
Нуринисо эса ичкари ҳовлидаги тўрт уйдан бирига — онасининг уйига кирди. Чунки бу уй холи эди. Бошқа уйларда қариндош-уруғлар ва никоҳни пойлаб ётган тўйпараст, дайди, турли хотинлар бор эди. Қиз домланинг «ўткир нафаси» теккан бир сиқим чойни, рўмолчага тугилган қандни, гўшангада кийилажак юрқа оқ кўйлакни (бунга ҳам домланинг «нафаси» теккан!) ва бир парча қоғознинг юзига қора, қуюқ сиёҳ билан ўнг-тескари, қандайдир, харфлар ёзилган ва икки томоннинг кўнглига «ўлмас муҳаббат» солувчи «эзибички»ни бирга қўшиб, рўмолчага тугиб, эртага унутмаслик учун, белгили жойга қўйди. Сўнгра, нима билан шуғулланишни билмай, уй ичида айланди. Тўй муносабати билан ўзига атаб ясалган тўққиз духоба ва тўққиз ҳар хил шоҳи кўрпани томоша қилди. Улар ердан шипга етарли қилиб тахланган... Бир томондан қор тепадай уюлган оппоқ пар ёстиқлар.... Куёвникидан келган сарполар кеча хотинлар орасида очилиб, мўллиги, ранг-баранглиги, тоза, асиллиги билан ҳамма хотинларнинг кўзларини қамаштиргандан сўнг, унинг кўзидан ҳам алоҳида кечирилган эди. Бунча сарпо келишини Нури эсга олганмиди? У сарполарнинг овозаси, кеча кўриб кетган хотинлар орқали, энди бутун Тошкентга бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда шаҳарнинг ярмига тарқалган!.. У, молларнинг ҳаммаси сандиқларга жойлангани учун ҳам, ундай буюмлардан ўзида ҳам ўша миқдордан кўпроқ бўлгани учун қайта кўришни истамади. Фақат ингичка, узун занжирли, кичкина, лекин ғоят чиройли, мўъжаз қопқоғида бриллиантлар ёнган олтин соатни олиб, томоша қилди. Чунки қути ҳар нав олтин-кумуш безакларни кўрган бўлса-да, шу вақтгача соатсиз эди. Соат олиш ўзининг ҳам, онасининг ҳам эсига асло келмаганди.
Нури олтин занжирни бўйнига осди, соат кўкрагидаи пастроқда юлдуздек ярқиради. Қулоғига тутди: «чиқ, чиқ». Лекин саводсизга китоб ҳеч нима демагандай, соат унга ҳеч нима кўрсатмади. Кеча борганда ўрганиб олишга қасд қилган бўлса ҳам, кейин бу фикрдан кечган эди: «Кўркам безатилган уйда куёв-келин ўйнашиб-кулишиб ўтирганимизда, ўзи ўргатиб қўяди!..»
Хаёлларга, умидларга кўкраги тўлган Нури, ошиққани, итилгани бахт билан ўзи орасини айирган бир кунни қандай кечиришни билмаса-да, онаси, келинойилари ва бошқа қариндош хотинлар орасига кирса, қабул этилган ташқи одоб ва назокатга мувофиқ дарров бошқача бир тус олишга тиришар эди: гўё тўйнинг умумий нашъасига қўшилмагандай кўринади, юзида қайғуланиш, ота юртидан кетаётгани учун ўксиниш ҳисларини беради, кўзларини хаста нозиклик билан сузади. Баъзан бу ролни жуда қийинлик билан бажаради, кейин ёлғиз қолганда ўзи қотиб-қотиб кулада. Лекин келинойилари ва яқиндан танийдиган хотинлар бу ҳолни ҳийла ва шайтонлик эканини яхши англасалар ҳам, ҳовлиқма, лақма-енгил Лутфинисо бунга чиндан ишонар, астойдил хафаланар, ким кўринса шунга кўз ёши қилар эди.
Эшикни оҳиста очиб, танчага солиш учун қўлида бир хокандоз тўла лаққа чўғ билан ёш қиз кирди. Бу — Ёрматнинг қизи Гулнор эди. Нафис, нозик, маъсум бир қиз... Бўйи ёшига қараганда баландроқ, лекин бутун гавдага мутаносиб. Болаларча кулимсираган ва юқоридан пастга тобо майин ингичкалашган оқ, тиниқ юзи, қалам билан чизилгандек ингича, маънодор қошлари, узун, қуюқ киприклар орасида ёнган йирик қора кўзлари бор эди. Бу кўзларда туйғунлик, олижаноблик, кўнгилнинг баҳорий тозалиги, илиқлиги ва қандайдир, пармшон хаёлчанлик жилваланар эди. Аммо, Гулнорнинг кийими чўри қизларники каби эди: бошида эски, тўзиган қизил шол рўмол, эгнида пахтаси юпқа солинган ёки, ювила-ювила юпқалашган калтагина қора липис камзул, этаклари ғижимланган, ранги айниган чит кўйлак. Мўъжаз оёқларида маҳси ҳам йўқ...
— Нура опа, зерикмадингизми?—деда танчага ўтни ағдариб Гулнор.
— Юрак-бағрим қон бўлиб кетди,— қовоғини солиб бобиллади Нури,— эртадан бери ёлғиз ўтирибман. Сен ўлгур бу уйга бир марта ҳам бошингни тиқмадинг. Чой ичмадим, ичимга туз ҳам кирмади.
— Аллақаёққа бориб, ҳозир келдингиз-ку. Нега яширасиз?—деди кулиб Гулнор.
— Ҳамма нарсага разм солиб, кавлаб юрасан-а, писмиқ!— жеркиб ташлади Нури.— Тез бўл, юз-қўлимни ювишга иссиқ сув бер!
— Сув тайёр, ҳозир бераман,— қўрқмай, лекин итоат билан гапирди Гулнор.— Нима қилай, Нури опа, тонг қоронғисидан бери менда тиним йўқ. Икки уй тўла хотин, бетўхтов чой ичишади. Яна овқат ташийман, болаларга қарайман. Ташқари ҳовлини йиғиштирдим, катта ойим буюргандилар...
— Ташқарида дадам борми?
— Йўқ. Хизматкорхонада Йўлчибой ака бор экан,— деди табассум билан Гулнор. — Мен билмабман, бир вақт кўзим тушиб қолиб, югура қочдим, эшикка урилиб бошимни ёрай дедим.
— Жўрттага кўрингансан, ёш бўлсанг ҳам балосан...— тескари қараб, лабини буриштирди Нури.
Гулнор айтганига пушаймон қилди, хатосини тўғрилаш учун сўзламоққа мажбур бўлди:
— Ўла қолай, опажон, наҳотки мен жўрттага кўринсам... Шошманг, бошидан-оёқ гапирмасам, ишонмайсиз...— Гулнор танчага суялиб чўққайди ва сўзини давом эттирди:—Ташқари ҳовлида ҳамма уйларни йиғиштирдим, кўрпачаларни ҳовлига олиб чиқиб қоқдим. Бу ёққа ташиб овора бўлмайин деб, идиш-товоқларни ташқари ҳовлида ювдим, артдим. Бир вақт, мундай қарасам, хизматкорхона деразасидан Йўлчи акага кўзим тушди. Югура туриб, эшикка қараб қочдим. Мана шу. Жўрттага! Нега жўрттага?
— Илгари кўрганмидинг?— синамоқчи бўлиб сўради Нури.
— Узоқдан бир мартами, икки мартами кўриб қолгандим.
— Сенга ёқадими?
— Қўйинг шундай гапларни!— Гулнор қизариб, тезгина уйдан чиқди.
Нури ёлғиз қоларкан, ёзнинг иссиқ чоғида ишкомда кечирган бир неча минут ва кузнинг ойдин кечасидаги қўрқувли, лекин унинг учун энг тотли дамлар ёдидан ўтди. У чоғларнинг лаззатини шунда яна бир қайта татигандек, лаблари титради, юраги урди. Аммо бир оздан сўнг бутун вужудини бирдан ваҳима босди: қандай қилиб у ўзини сақлаб қолди? У ишқ ўйинига бутунлай берилмоқчи экан, оташин орзуларнинг сеҳри билан у кўр экан, кимнинг номуси, кимнинг ақли, кимнинг сабри, оғирлиги уни шармандаликдан қутқариб қолди? Агар йигит ҳам енгиллик ва шўхликка берилса эди, бу тўй бўлармиди? Йўқ! У ё ўз-ўзини ўлдирарди, ё хизматкор йигит билан бир юртга қочиб, камбағалликда, нон гадойи бўлиб яшарди. Бутун умрга ота-онасидан, акаларидан воз кечарди... Нури узоқ ўйлагандан кейин, севиниб энтикди ва ўз ичида шундай деди: «Ман кўр эканман, камбағал бўлса ҳам кўзи очиқ, номусли йигит экан. Унинг битта қусури — камбағаллиги. Кошкийди у бойвачча бўлса...»

* * *

Никоҳ тўйи фавқулодда суронли ва тантанали бўлди. Намозасрга яқин куёв катта оломон билан келди. Тўрт карнай, олти сурнайнинг шовқини кўкни тутди. Донгга ўч бойвачча куёвлар никоҳга, одатда, қўш карнай, қўш сурнай билан келишарди. Қишнинг изғиринли кунига қарамай, ҳамма томлар бошларига паранжи ё чопонни нари-бери ёпган хотинлар, қизлар билан тўлди. Ҳатто эрта-кеч танчанинг бир томонини банд этишдан ўзга ишга ярамаган забун кампирлар ҳам паст, қинғир-қийшиқ деворларга тирмашиб бўлса-да, бу «хон тақлид тўйни» томоша қилишдан ўзларини тия олмадилар...
Қадимнинг қоидасига мувофиқ, ҳар икки томоннинг шумтака болалари кўчада бир-бирларини қорга думалатиб, бир нафас муштлашиб олдилар. Маҳаллаларининг «иззат-нафси» ва «ор-номуси» учун шундай пайтларда ўзларини шер ҳисоблайдиган, ҳар номаъқулчиликка кўрларча отиладиган баъзи йигитлар муштларига тупуриб бир-бирларига кўз олайтираркан, кексалар пайқаб қолишди-да, оталарча койиш билан босди-босди қилиб қўйишди.
Куёв, аҳли раста олифта бойваччалар орасида одатга мувофиқ ўзини яшириб, данғиллама дарвоза томон юрди. Бойнинг катта ҳовлисида, мутлақ сукунат ичида, қари имом никоҳ ўқиди. Куёв бошидан мўл-мўл сочиқлар сочилди. Кейин куёв томон ажойиб сўзаналар, қимматбаҳо буюмлар билан безатилган хоналарга таклиф этилди.
Зиёфат, одатдагича, тез тугади. Куёв узун ва кенг зарбоф тўн кийиб, катта салласига кўркам олтин жиға қўндириб ҳавони титратган карнайлар, сурнайлар садоси билан ўзиникига кетди. Ичкарини яна аёллар тўлдирди. Лутфинисо ииқиллаб, ҳарсиллаб қизини олиб жўнашга киришдн. Нури алоҳида хонада ўз ўртоқлари — обрўли оилаларнинг қизлари билан ўлтирар эди. Унинг эгнида қадимона тикилган кенг, узун оқ шоҳи куйлак (қутли кунда «бурма кўйлак» кийишни онаси ман этган), бошида байтлар ёзилган катта «санама» рўмол, оёқларида ипакдай майин гулдор маҳси, қувончи кўксига сиғмаса-да, назокат ва одоб юзасидан ўзини хомуш, ҳазин тутишга тиришар эди. Баъзи қизлар никоҳ вақтида унинг шошганлигидан кулишар экан, у ўзини соддадилликка солиб дер эди:
— Қайдан билай, яна домла поччамнинг жаҳллари чиқмасин, деб иккинчи сўроқдаёқ жавоб бериб қўя қолдим-да. Ўзлариям жуда салмоқланиб сўзлар эканлар...
Лутфинисо дам ўтмасдан келиб, ёмон кўздан сақласин учун, исириқ тутаттирар, гоҳ қизини қучиб йиғлар, гоҳ кулиб, қизларни ўйинга, шўхликка ундар эди.
Нури почапўстинни кийиб, вазмин, зарбоф паранжини ёпиниб, ҳовлига чиққанда, катта ҳовли хотинлар билан қайнар эди. Мирзакаримбой ҳаяжонли, титроқ товуш билан қизига фотиҳа бериб, соқолини силади. Нурини аёллар ўртага олиб, бошларига катта қимматбаҳо палак тутдилар. Яллачилар чирмандаларни урдилар, юзларча хотинларнинг «ёр-ёр» қўшиғи янгради. Шу қий-чув ичида Мирзакаримбой билан хотини ўртасида бир оз аччиқ-тизиқ гап ўтди: Лутфинисо қизи билан қўш келинини извошда юборишни сўради.— «Ахир, кимсан, фалончининг қизи-я!»
— Эл қатори аравада кета берсин!— деди узил-кесил бой.
— Вой, Алихўжа бойлардан нимамиз кам? Қизини қўш арғумоқли извошда юборди. Қўқон араванинг дўқири қурсин!— вайсади Лутфинисо.
— Бас! — қичқирди Мирзакаримбой,— манманлик — худо урганлик. Эски таомилдан қолма. Яна замон нозик. Халқ мени гап-сўз қилади. Бойлар қутуриб кетди, дейди. Сен буни тушунасанми, ноқисулақл!
Хотинлар қий-чув билан етти аравага жойлашди. Камбағал уруғ-аймоқ, қўни-қўшнилар, тўйда, азада семирадиган юримсак аёллар қоронғида туртиниб пиёда жўнашди. Қизи, келинлари билан Лутфинисо ўлтирган олдиндаги соябонли аравани Йўлчи минди. Тош кўчага чиққанда, ҳангамани севадиган Ёрмат ўзишга тиришиб, отини қамчилади. «Арава пойга»нинг гумбури, аравакашларнинг қийқириғи, аёлларнинг «ёр-ёри» билан тўй карвони бораркан, қандайдир болалар, ўспиринлар югуриб чиқиб, йўлга арқон солдилар. Йўлчи пишқирган отини тўхтатиб қичқирди:
— Катта ойи, қани, йигитчаларни хурсанд қилинг.
— Холажон, каттароқ чўзмасангиз, сира йўл бермаймиз!— қичқиришди йўл тўсувчилар.
Лутфинисо бўғчадан икки дўппи олиб, беш сўм пул билан узатди. Йўл тўсувчилар қувониб бақиришди.
— Тўй устига тўй кўринг, хола!
Нарироқда чойхонадан йигитлар югуриб чиқиб, белбоғларидан нари-бери арқон ясаб, йўлни кесдилар. Шовқин-сурон яна кучайди. Орқада Ёрмат ғазаб билан бақирди Йўлчига:
— Бу қандай майнабозлик! Босиб-янчиб ўтавермайсанми!
— Тўйнинг қизиғи шунда-да,— жаҳл билан қичқирди Йўлчи.
— Ҳимматни баланд қилинг, она!— Шовқин кўтаришди йигитлар. Лутфинисо ийиб, икки дўппи ва ўн сўм пул узатди.
Куёвнинг маҳалласида ҳам болалар икки ерда йўл тутишга тиришдилар, лекин эплай олмадилар. Аравакашлар хотинларни ерга тушириб, Нурига атоқлик моллар ва ҳар нав жиҳозларни ташишга жўнадилар.
Куёвнинг ҳовлиси ўртасида катта гулхан ёнарди. Қиз томон гулхан олдида тўхтади. Қий-чув, чағир-чуғур қулоқни кар қилади. Қиздирилган чирмандалар ҳавони янгратади. Тошкентнинг донг чиқарган яллачилари шўх, жонли қўшиқ — «Олма-анорингга балли. Боғ-бўстонингга балли»ни куйлаб, гулхан теварагида рақс этадилар. Нури палак остида, ёш аёллар билан қуршалган ҳолда турар, қўшиқларни завқ билан тинглар, баъзан яллачиларга яширинча. мўралаб қўяр эди. Бироқ, бу маҳалланинг шумтака эркак болалари «келин чимчилаш» деган эски одатга жуда риоя қилишар экан. Бир қарич тирранчалар хотинлар орасига секингина суқуладилар-да, келинни чимчилаб қочадилар, Нури ғайри ихтиёрий «их» ёки «ҳимм» деб тишини тишига босади. Унинг бахтига, болалар кўпинча янглишадилар. Келин деб бошқа аёлларни чимчилайдилар. Улар чимчиловчиларни қарғайдилар. Ушлаб олсалар, урадилар...
Ҳовлида ҳангама тугагач, ярим кечага яқин Нурини бир тўда хотинлар палак остида, каттагина хонага киритдилар. Қиз томон, одатга мувофиқ, хонанинг пойгагини банд этди. Куёв томон аёллари эса уйнинг тўрида, чимилдиқ-чодир ёнида ғуж туришди. Ялпи шовқин билан «тортишмачоқ» бошланди: қиз томонда губчакдек юм-юмалоқ хотин белини белбоғ билан маҳкам боғлаб, ўртага тушди. Куёв томонда ориқ, дароз, чайир бир хотин бел боғлади. Ўзгалар — ёш-қари ҳаммаси шу икки аёлнинг белбоғига, этакларига ёпишди. «Тортишмачоқ» полвонлари енг шимариб, бир-бирларига панжа соларкан, ўзга аёллар умумий, кучли «ҳа-ҳув» билан тортишга киришдилар. Ногаҳон қўллар узилганда, тортишувчилар орқага ташланиб, бир-бирларининг устларига юмаланадилар. Сурон зўраяди, яна туриб ҳансираб тортишувни давом эттирадилар. Куч синовда ҳар икки томон астойдил курашди. Ниҳоят, қиз томон бўш келмаса ҳам, умуман эркакнинг ҳурмати ва унинг аёлдан устунлигини тасдиқлаш учун пича ён берди: куёв томон бир неча қадам сургандек бўлди. Кейин қарийб бутун хонани қопловчи палакни аёллар бошлари узра баланд кўтардилар. Оппоқ чимилдиқ ичидан узун зарбоф тўнни ёпиниб, куёв чиқди. Иягида уч-тўрт тола соқол кўзга ташланган, баланд бўйли, бақувват, эркаксимон даллол кампир уни етаклаб палак остидан қизга келтирди. Куёв Нурининг ўнг қўлини ушлади, кейин қучоқлаб ердан узди ва қоқила-суқула чимилдиқ томон кўтариб кетди-да, духоба тўшакка секингина ўтқазди, ўзи ҳам шунда чордона қурди. Нури катта оқ рўмолини юзига тушириб, бошини қуйи солган ҳолда, ноз қилгандек, сал бурилиб ўтирди. Унинг қулоқлари шанғиллар, кўксини ҳислар тўлқинлатар, юраги қаттиқ урарди. Куёв кимдандир ишорат кутган, ёки уялган каби, бир неча вақт жим қолди. Нури, гўё ўзи-ўзига дегандек, секингина деди: «Жуда исиб кетдим». Куёв бир қўли билан унинг белидан қучиб, иккинчи қўли билан рўмолини кўтарди-да, шивирлади: — Жоним, менга қаранг. Хурсандмисиз? Нури кўзларини сузиб, нозли табассум билан унга юзини ўгирди. Чўвак юзли, сийрак, сарғиш мўйловли, иржайган қувгина йигитга бир оз тикилди-да, бошини аста қуйи солди ва ичида хўрсинди.
Хона ичида шовқин пасайди. Чарчаган аёллар уйни тўлдириб, зич ўлтиришди. Урф-одат ва анъана, гўё жадвалга ёзилгандек маълум тартиб билан давом этди. «Соч силаш», «Ойнага боқиш», «Туғди-туғди» ва ҳоказо қарийб тонгга қадар эрмак бўлди.
Қий-чув билан ўтган наҳорликдан сўнг ҳовлида яна базм бошланди. Яллачилар даврани кенг олиб, узоқ ўйнадилар. Пулдор хотинлар бир-бирларидан қолмасликка тиришиб, пул ўгирдилар. Яллачиларнинг куйи ташқаридаги эркакларни — куёвнинг ўртоқларини тоқатсизлантирди. Улар эшик тирқишларидан мўралайдилар ва қия очиб, бошларини суқадилар. Баъзи шилқим бойваччалар қўлларидаги шалдироқ қоғоз ақчаларни ҳавода силкадилар. Лабларини ялаб, раққосаларни имлайдилар. Кампирлар яқин бориб қарғашади, қувлашади.
Ўйиндан кейин кечаги соқолли кампир келинни «саломга» олиб чиқди. Нури қуёшда кумушдай ялтировчи банорас паранжида; юзи қат-қат шойи рўмоллар билан ёпиқ, хонанинг остонаси ёнида сал эгилиб туради. Ҳамма хоналар ва айвонлардан хотинлар ҳовли саҳнига тўкилди. Соқолли кампир бир қўлини Нурининг бошига енгил қўйиб, баланд қалин товуш билан, худди куйлагандек, сўзларни оҳангдор чўзиб қичқирди: «Ассалом, ассалом. Муҳаммад Мустафога салом. Биби Фотимамга салом, чорёрларга салом, азиз-авлиёларга салом. Қайнана-қайнаталарга салом. Оға-иниларга салом...». Чол кайната хаста бўлганидан, куёвнинг акаси ташқаридан кирди. У ерга қараб, илдам юрди. Эркакка яқин қариндош бўлмаган ҳамма хотинлар тескари қараб, рўмоллари, қўллари билан юзларини яширдилар. Эркак яп-янги, узун қоғоз ақчани келиннинг бошига қўйди-да, ташқарига илдам чиқиб кетди. Соқолли кампир пулни ҳаяжон билан киссасига урди-да, Нурининг юзини очди. Келиннинг юзлик рўмоллари хотинлар ўртасида талаш бўлди — «табаррук». Нурининг бошидан қайнанаси сочиқлар сочди. Болалар, катталар чуввос билан ур-йиқит теришар экан, ҳорғин, бепарво қараган Нурини кампир яна хона ичига етаклади.
Ҳовли саҳнига, айвонларга «сеп» ёйилди. «Сеп»нинг бойлиги, тури, ранг-баранглиги ҳаммани ҳанг-манг этди. Бирин-кетин тўхтовсиз равишда келтирилган таомлар, ширинликлардан кейин кечга яқин Лутфинисо қизи билан хайрлашди. Нури юрак сирини яширишга қанча уринмасин, она нимадир пайқаб, тинчсизланди
— Нега бундай алланечуксан?— шивирлаб сўрада у.
— Ойижон, ҳеч ташвиш тортманг, чарчадим, холос,— жавоб берди Нури кулмоққа тиришиб.
Лутфинисо баъзи насиҳатларни қизининг қулоғига шивирлади-да, ўзи билан келган кўп аёллар билан уйга жўнади. Қудалари кўрсатган эъзоз ва эътибордан мамнун бўлса-да, унинг хотири паришон, кўнгли нотинч эди.

V

Хароб уйнинг ўртасида қазилган чуқурчага ўтин қалаб, чуқурча теварагида Ўроз билан Йўлчи оғизларини нақ тутунга етказиб тўмпайиб галма-гал пуфлашарди. Жиққа ҳўл ўтин ёлғиз «пирс-пирс» қилиб, аччиқ заҳар тутун буриқтиради. Уйдаги нарсаларни бир-биридан ғира-шира айиришга имкон берувчи «жинчироқ» ҳам кўринмайди, уй ичи қалин тутун.
— Пуф-пуф...
— Пуффа, пуф. Уҳў, ўҳҳў!— йўталиш ва пуфлаш. Уйнинг тўрида етим ўғилчаси Шоазимни ўз бағрига олиб, ухлатишга тиришган Шоқосим хип бўғилган овоз билан хириллади:
— Совуқ жонларингни оладими? Тутун бўғди-ку, эшикни очинглар!
— Шошманг, бу дарди ҳарина оз-моз тутақсин! Пуф, пуф, Уҳу, аҳ. Тутун жигаримни ҳам титиб юборди!..
— Бас дейман, кофир қирғиз!— Шоқосим бўғилди.— У ўтин ёнмайди, саратон юзини кўрганда ҳам ёнмайди. Мен ўзим қуруқ ўтин топиб келаман.
— Бас, Ўроз, кўзимни кўр қилди тутун,— Йўлчи юм-юм ёш тўкиб, ачишган кўзларини ишқалаб, туртина-туртина эшикни топиб очди.
Бу уй илгари бедахона бўлганидан, дарчаси ҳам йўқ, токчаси ҳам йўқ, тоқиси ҳам йўқ эди. Қоп-қора ис босган шипидан қамишлар осилиб ётарди. Қамалган тутун жуда секин таралмоқда эди. Йўлчи нафасини ростлаш учун, эшикка чиқди. Осмон тиниқ, қалин қор билан қопланган далалар устида юлдузларнинг олтин ғўзалари ёрқин чақнайди. Ҳар вақтдагидан кўркамроқ, тиниқроқ кўринган тўлин ой самонинг бир нуқтасида қотган каби... Унинг нурларида қишнинг поёясиз оқ кўрпаси майда олтин учқунлатиб, ҳамма ёқни чуқур жимжитлик билан ўраб ётарди. Яланғоч дарахтлар майда юлдузчалар билан ёнган қора ажиб чиройли кўлкалар ташлайди. Ойдинли қиш кечаси шундай гўзал, шундай улуғворки, ҳатто хизматкорларнинг хароб кулбаси ҳам, деворларига кимнингдир томонидан ёпилиб, йиғиштирилмай қолган таппилар ҳам, аллақандай бежирим манзара ясайди.
Йўлчи қотган қорни ғарч-ғурч босиб, тоза, муз ҳавони қамраб кеза бошлади. Ҳозир унинг кўкси гоҳ оғритувчи, гоҳ юпантирувчи кечинмалар билан, бутун руҳига сингган тотли ҳасрат билан тўла эди. «Кимнинг қизи экан?» деб фикран сўроқлаб юрган у «бегона қиз»ни энди танийди. Лекин ҳали у гўзал ҳам яқин, ҳам узоқ!.. Йўлчи ўзи учун овунчоқ хаёлларига берилиб, совуқнида сезмай танҳо юраркан, Шоқосим чикди, кўкка боқиб, бўғиқ товуш билан «ёҳу!» деб қичқирди-да, ўтин келтириш учун қаёққадир ғойиб бўлди. Йўлчи гўё унинг кетишини кутиб турган каби, тезда уйга кирди. Уйда тутун йўқолган бўлса-да, аччиқ ҳид дарров унинг бурнига урилди.
— Эшикни очсанг, совуқ гувиллайда, ёпсанг бўғиласан, нима қиламиз, Ўроз?— дўстининг ёнига чордона қуриб деди Йўлчи.
— Бу ерда итни боғласанг турмайди. Бу оғил босиб қолмаса, деб қўрқаман. Лекин, хўжайинларга барибир. Том тагида қолиб ўлсак, сан билан манинг хунимни улардан ким даъво қилади!—қайғули товуш билан деди Ўроз.
— Ўроз, шу кунингга ҳам шукур қила тур...— дўстига яна яқинроқ эгилиб деди Йўлчи.
— Вой тентак, бундан ёмони бўладими?
— Шошма, мен санга бир нарса гапираман. Каллангга сиққанича ўйла, кейин маслаҳат бер,— Йўлчи овозини пасайтириб сўзлай бошлади,— бу ерга қайтишимда бой мани чақирди; дедики, Шоқосимга айт, жойини топсин, ман уни бўшатдим, иложи бўлса, эртага юк устига миндириб, шаҳарга олиб тушиб қўй... Нима қиламиз, унга қандай билдирамиз?
Ўроз бир уҳ тортиб, узоқ вақт сукут этди, сўнг деди:
— Хўжайин тоғанг жуда худой урган одам. Уйинг куйгур, шунча йил ишлатиб, энди кўчага ташлайдими? Қаҳратон қиш бўлса!..
— Албатта, хўжайинники ноҳак. Боласи билан ўралиб қолди, энди ишлай олмайди, деб ўйласа керак у...
Ман шундай фаҳм қилдим,— куюниб сўзлади Йўлчи.— Қиш ўтгунча сабр қилинг, далада бекор ётгани йўқ, иш ҳали кўп дедим.
— Пул берар эканми?— деди Ўроз.
— Орамиз очиқ, деди хўжайин. Ҳақи бўлса, Шоқосим бориб даъво қилади-да,— деди Йўлчи.
— Овқат, кийимни эмас, сувни ҳам ҳисоблайди у қизталоқ... Йўлчи, сан Шоқосимга ҳеч нима дема. Ман ўзим эрта-индин ётиғи билан тушунтираман.— Бир нафас ўйлаб, уҳ тортиб давом этди Ўроз.— Бу одам девдек ишлайди. Ёлғиз ҳозирги пайтда теваракдан биронта бойга тўғрилаб қўйиш жуда қийин-да.
— Қиш ўчоғи тор, қўп — уйингга бор, дейди кексалар,— деди Йўлчи,— лекин совуқда ота-бола қаерга боради? Ҳаммадан болага оғир. Сан атрофдаги бой деҳқонлардан бирига тиркаб қўй. Кейин, Шоқосимга билдир, шундай қил, бошқа илож йўқ.
— Тўғри, атрофда бойлар кўп. Лекин улар ҳозир оғир шарт қўяди. Кўкламгача ювинди билан боқади, олти ой ёз текинга ишлатади. Одамнинг кучи эшак кучидан паст баҳога тушади уларга!— Ўроз исиб кетгандай, ўралган чопонини елкадан туширди ва милтираган «жинчироққа» тикилиб жим бўлди. Унинг икки қош ўртаси тугунчак — у ўйлар эди.
Бурчакда ётган бола уйқусирабми, ё совуқдан уйғонибми, ачинарли товуш билан «дада!» деди. Йўлчи ўрнидан ирғиб туриб, боланинг ёнига борди.
— Ухла, ухла, айланай полвон боладан!— эркалаб боланинг бошини силади Йўлчи.
— Тўйдан шу болага атаб бир кап ширинлик ҳам келтирмабсан,— деди Ўроз.
— Тўйи қурсин. Эртага шаҳардан ҳолва сотиб олиб чиқаман бунга,— боланинг елкасини она каби меҳр билан аста-аста қоқиб деди Йўлчи.
Совуқдан қалтираб, бир қучоқ ўтин билан Шоқосим келди.
— Яса гулханни, қоқ қуруқ ўтин...
Уч киши чорчўп атрофига ўтириб, ўт қалашди. Саратон кўрган қуруқ ўтин шатирлаб ёна бошлади, девор ва шип ҳам ёнган каби, шафақланди. Гулханчиларнинг дала шамоли билан қовжираган юзларига тиниқ қизиллик югуриб оловланди. Ҳали совуқдан қисилиб-бужмайган гавдалар энди ўзини қўйди, яйради.
— Бир хотин «жон эр, жон олов» деган экан. Тўғри айтган.
— Қиш куни гулхан камбағал учун ҳам чопон, ҳам тўшак, ҳам палов.
— Кечқурун далада олисдан ўт кўрсам, овулим эсимга тушади,— маъюсланиб деди Ўроз.
— Ҳар кимнинг ўз элати ўзига ширин,— ўзи-ўзига гапиргандай деди Йўлчи.
— Қани, қирғизим, дўмбирангни ол,— деди Шоқосим, оловга қараб севиниб,— ўланингни чўз. Унгача чой қайнайди.
Ўроз тепадаги қозиқдан дўмбирани олди, дастлаб берилмасдан чертди. Кейин, музиканинг ва кўнглига синган куйларнинг сеҳрига берилиб, кўзларини чирт юмган ҳолда, завқ билан чалди, куйлади. Бу кун у айниқса ҳазин, юракни эзувчи, руҳнинг қайғуларини, интизорликларини кўзлардан қатра-қатра томдирувчи куйларни куйлади. Йўлчи ҳам Шоқосим бошларини енгил тебратиб, тингладилар.
Олов четига қўйилган қора қумғон шақиллаб қайнаб тошди. Йўлчи эҳтиёт билан қумғонни олиб, бир чимдим чой солди. Пиёлаларни ювиб-артиб қуя бошлади.
— Бир ҳовуч майиз бўлса, роса базм бўларди-да!— Йўлчидан пиёлани оларкан, ўз-ўзига ғунғиллаб деди Шоқосим.
Ўроз дўмбирани четга қўйди. Гангир-гунгур суҳбат билан чой ичилди. Бу кеча Шоқосим жуда хурсанд эди. Тинмасдан қизиқ нарсаларни сўзлайди. Насриддин Афанди латифаларидан ғоят қизиқларини кетма-кет айтади. Қотиб-қотиб кулади, Йўлчи билан Ўроз кўзлари билан имлашиб, унинг кўнгли учун суҳбатни қизитишга тиришадилар. Шоқосим, Афанди латифаларини жуда усталик билан айтгани учун, юмалаб-юмалаб кулмасликка илож ҳам йўқ эди.
Гулхан совиниб, ёқутдай қизил чўғларнинг устини аста-аста кул босаркан, Шоқосим ўғлининг олдига ўтиб ётди! «Жинчироқ»ни пуфлаб, Йўлчи билан Ўроз гулхан теварагида мук тушишди. Уй ичини қуюқ қоронғилик босди. Ташқарида шамол ғувиллади.
— Яна уй совиди,— бир оздан сўнг қоронғиликдан Шоқосимнинг овози эшитилди.
Ҳатто гавдасини қандай қилиб яхшироқ ўрашни билмай уринган Йўлчи жавоб берди:
— Уй эмас, музхона бу...
Nom: Re: Oybek. Qutlug' qon (roman)
Yuborildi: AbdurRohman 31 Dekabr 2010, 10:27:51
ТЎРТИНЧИ БОБ

I

Мана уч ойга яқиндир, Нуринисо ўзи кўрмаган, билмаган, ҳатто исмини тўй арафасида келинойисидан эшитган эри билан яшайди. Барча мусулмон қизлари каби, у ҳам тамом бегона, номаълум бир йигитга тегишдан бош тортган эмас, ҳатто зимдан бўлсин суриштириб кўрган эмасди. «Фотиҳа» ўқилганини эшитгач, у, аксинча, севинган эди. Зотан, «фотиҳа» ўқилгандан сўнг, тақдирга бўйсунишдан бошқа чора қоладими — суриштиришнинг бирон фойдаси бўладими? «Фотиҳа»— гўё ярим никоҳ. У, икки томоннинг келажак ҳаётига тақдир муҳрини босади. «Фотиҳа»дан сўнг ҳар икки томон айниш, тараддуд ҳуқуқидан кўпинча маҳрум бўлади. Қудалар ўртасида рўй берадиган англашилмовчиликлар, жанжаллар аксар вақт музокара ва муроса йўли билан ҳал қилинади. Оталар-оналар бўлажак қудаларининг, келинларининг, куёвларининг ҳар қандай нуқсонини оп-очиқ кўришларига қарамай, энди «фотиҳа бузилмаслиги» учун, у нуқсонлардан кўз юмадилар!
Нури фотиҳадан хабардор бўлгач, келажак турмушини ўз хаёлида безаш билан машғул бўлган эди. У келин бўлиб боргуси оиланинг бойлигини ўйламаган, чунки, бу нарса у учун очиқ-ойдин эди; отаси ва акалари, албатта, Тошкентнинг энг донгдор бойларидан бири билан қуда бўлишларига у чуқур ишонган. Улар камбағалларнигина эмас, ўрта бойларни ҳам назар-писанд қилмас эди. Аммо, куёв йигит тўғрисида ҳам Нурининг кўнгли тўқ эди. Баъзан: «Қандай экан у? Кўрган-билган одамларимдан қай бирига ўхшатсам бўлади?» деган саволлар фикрини машғул этаркан, у, албатта, мусбат жавоб топар, шубҳасини ишончи енгар эди...
Нури янги оилада яшайди, қарилик орқасида кўздан қолиб, икки-уч йилдан буён уй ичига қамалган қайнота — Нажмиддинбойнинг давлати зўр. Янги ва эски шаҳарда катта атторлик дўконлари бор. Чолнинг катта ўғли Абдуллабой, кичик ўғли (Нурининг эри) Фазлиддинбойваччанинг ташаббуси ва ҳаракати ёлғиз шу бойликни ўстиришга қаратилган.
Ичкари-ташқари данғиллама ҳовли. Ичкари ҳовлининг саҳни кенг. Ҳовлининг уч томони бир уй-бир айвоя қилиб қаторасига солинган янги бинолар билан ўралган, бир томони гилосзор боғча. Ҳамма уйларда гиламлар, тахмонларни тўлдирган кўрпа-ёстиқлар, пўлат сандиқлар, токчаларда ҳар нав асбоблар, хитой чиннилар қалашиб ётади.
Табиий, ҳаммадан Нурининг уйи ҳашаматли: қимматли жиҳозлар билан магазиндай ясатилган, кўрган одамнинг кўзи қамашади.
Бу оилада ейиш-ичиш белгили тартиб ҳам режага тобе эса-да, ҳар кун ширин-ширин овқатлар тайёрланади. Аммо меҳмон сийрак бўлади, мўл-жўл катта зиёфатларни Нури ҳали кўргани йўқ.
Нурининг қайнанаси иккита бўлиб, бири «ўзиники», иккинчиси ўгай эди. Нажмиддинбойнинг бош хотинидан Абдуллабой, кичик хотинидан Нурининг эри Фазлиддин туғилган. Катта — ўгай қайнана, ёши олтмишларга борган семиз, забардаст, димоғдор кампир эди. Бутун рўзғорга эгалик қилишга, ўз амридан ҳеч кимни чиқармасликка тиришар эди. Кичиги, яъни Нурининг ўз қайнанаси қирқ беш-эллик орасида, кичкина, ориқ-жажмон хотин бўлиб, кўринишида мулойим кўринар, оз гапирар, лекин узиб гапирувчи, писмиқ эди.
Нури бу оилага тушгач, уч кун ўтар-ўтмас икки қайнана-кундош орасидаги душманликни сезди. Эрталаб, одат бўйича, Нури тўр рўмол ёпиниб бешикдаги боладан то кексаларга қадар ҳаммага салом қилар экан, «нега сенга олдин салом қилади?» деб кундошлари бир-бири билан аччиқлашиб қолишганди. Улар арзир-арзимас нарса устида минут сайин талашиб-тортишар эдилар. Рўзғорга ким бийлик қилади?—Жанжалга мана бу нарса кўпроқ сабаб бўлар эди. Сўнгра чолни парвариш қилиш тўғрисида ҳам тез-тез уриш бўлиб турар эди. Катта кундош дерди: «Ҳузурини сан кўргансан, бир кеча бўлсин, ундан айрилмас эдинг, қариганда ташлайсанми? Боқ энди!» Кичиги ҳам сира қолишмасди: «Чолнинг кўз очиб кўрган хотини — сен. Сендан маслаҳатсиз иш қилмас эди. Бир товоқ ошни бошимга муштлаб-муштлаб берардинг. Рўзғорни қўлингга олиб, бордондай семириб ўтирасанми? Ўзинг қара; моли ширину, ўзи ҳаромми?!»
Нурининг овсинлари ҳам кундош эди. Абдуллабой, отаси каби, икки хотинга эга эди. Каттаси Ойсара ўттиз беш ёшларда, ҳали ўз ҳуснини йўқотмаган, лекин ҳасталардек паришонҳол, ингичка, нозик хотин; жисман заифлигига қарамай, юмушни кўп қилар, ҳар оқшом ўз болалари билан танча атрофини тўлдириб, китоб —«Маликаий Дилором», «Бўз йигит», «Санобар»ни ўқир эди. Бунинг кундоши Мария исмли рус хотин бўлиб, унга Марямхон ном қўйишган. Унинг ёши йигирма саккизларда, оқ-сариқ юзли, баланд бўйли, тиниқ ҳаво ранг кўзли тўлагина хотин эди.
Марямхон ўн тўққиз ёшида, бундан саккиз-тўққиз йил илгари бу уйга, мусулмон «ичкарисига» қамалган. У Москвада камбағал оилада туғилиб, отаси ўлгандан кейин, онаси беш яшар Марияни амакининг оиласига ташлаб, эрга чиқиб кетади. Қиз ўн олти ёшгача бу оилада, музика муаллими бўлган камбағал амакининг тарбиясида ўсади, ибтидоий таҳсил кўради, музикадан ҳам бир оз маълумот олади. Мариянинг бахтига қарши, амаки сил касалига учраб, ишдан қолади. Унинг майда-чуйда болалар билан тўла оиласи моддий қийинчиликлар ичида қийналаркан, қиз ўз кунини ўз кучи билан кўриш тилагида амакидан кетишга мажбур бўлади. Ризқини қозониш учун ҳаёт гирдобида икки йил чирпинади. Ниҳоят, бой бир рус оиласига бола боқувчи сифатида қабул қилинади. Бу оила Тошкентга кўчиб келгач, Абдуллабой, яқин таниш бўлган бу оилага келиб-кетиб юраркан, Марияни кўриб севади ва унга уйланади.
Абдуллабойнинг рус хотин олиши у вақтларда кўпчилик ўртасида, тўй, азаларда хотинлар оғзида, гап-гаштак ва чойханаларда эркаклар орасида — анча гап-сўзга сабаб бўлди. Лекин Абдуллабой маҳалла имоми ҳузурида «калимаий шаҳодат»ни айттириб, никоҳ ўқиттириб олган эди. Отаси Нажмиддинбой ҳам фақат шу шарт билангина бундай фавқулодда ишга рухсат берган эди.
Марияга дарров бошдан-оёқ мусулмонча кийим кийдирадилар, намозни, ҳар хил дуоларни ва қуръондан бир неча сурани ёд ўқишга ўргатадилар. Ёлғиз ўзини ҳеч ерга юбормайдилар — ҳатто йўлакка, кўча эшикка ҳам чиқармайдилар. Шундай қилиб, бир неча йил ичида у бутунлай «мусулмон» хотин бўлиб қолади. Кўзлари, сочлари ажратиб турмаса, бошқа жиҳатдан унинг рус эканини пайқай олмайди киши. Тили, талаффузи, ўтириш-туриши, бутун қилиқлари билан атрофдаги хотинлардан, ичкарининг соҳибаларидан айириб бўлмайди. Беш вақт намозни канда қилмасдан ўқийди, ихлос билан рўза тутади. Бирон иш қиларкан, ё овқат ичмоққа бошларкан, «бисмилло»ни сира унутмайди. Энди у духоба паранжига ўралиб, узун чачвонни юзига тутиб, сават-сават кулчалар, баркашларда ошлар, совға-салом билан, бутун қоидага мувофиқ тўйларга, азаларга, туғруқларга бориб келади. Марямхон тўрт девор орасида қамалгандан буён биронта рус билан бир оғиз ҳам гаплашган эмас. Кўчада кетаркан, баъзан русларни кўриб, жонли рус тилини эшитиб қолар эди. Бу нарса унинг ўтмишини узоқ бир туш каби хотирлатар; улар билан ўз тилида икки оғизгина сўзлашувга орзу қилса-да, атрофдаги мусулмонлардан қўрққанидан, журъат қила олмас эди. Чунки мусулмонлар дарров ўйлаган бўлар эдилар: бу паранжили мусулмон хотин нима учун кўчада эркак билан, яна ўрис билан гаплашади? Бу диндан қайтган хотин, исловотда юриб тил ўрганган бўлса керак!..
Марямхон ёшликда мактабда ўқир экан, рус ёзувчи ва шоирларининг бирмунча асарлари ва мактаб болалари учун чиқарилган ҳар хил таълимий, мароқли китоблар билан бир қаторда, бир қанча енгил, жиноий-можаровий романларни яширин ўқиб чиққан эди. Пушкин ҳам Лермонтовнинг баъзи шеърларини ҳали ҳам ёддан билар эди. Лекин, ичкарида яшаркан бирон марта китоб юзини кўрмади. Бир вақтлар бу уйга опаси билан меҳмон бўлиб келган бир татар қизи русча бир ахлоқий романни унутиб қолдирган; бу китобни ўша кечаси катта қизиқиш билан қўлга оларкан, эри Абдуллабой келиб қолиб, китобнинг русча эканини пайқаб, қўлидан йириб олади ва ғазабланиб шу ондаёқ парча-парча қилиб ташлайди.
— Диндан қайтаради, динни бузади бу китоб!— бақиради Абдуллабой.
— Йўқ, жуда қизиқ, жуда фойдали китоб,— ёлвориб тушунтиришга бошлайди хотини.
Лекин у қанча сўзламасин, бу китобнинг динга зиёнсиз яканини ўжар мусулмонга тушунтира олмайди.
— Ёлғиз, ёлғиз битта китоб бор,— дўқ билан дейди Абдуллабой,— у Оллонинг китоби — Қуръон! Бошқа китобни китоб дема! Ҳаммаси бир тийин. Хоҳласанг, Қуръон ўқишни, қироат билан ўқишни мен ўзим ўргатаман.
Баъзи вақтда эски русча китоблардан ясалган пакетларда бозордан нарса ўраб келтиришади. Марямхон пакетларни бузиб, парча-парча қоғозларни, гарчи бундан тўла маъно чиқмаса ҳам, ўқий бошлайди. Лекин кейинчалик бундан-да воз кечади.
Марямхон дастлаб ўз кундоши билан чиқиша олган эмас. Ҳатто мусулмонларнинг бундай «аҳмоқона закунини» фикр-хаёлига асло сиғдира олмаган. У очиқча шовқин-сурон кўтармасдан, эрига ялинган, бу одатнинг ёмонлигини, эрнинг кўнгли иккига бўлинса, турмуш ёмонлашажагини тушунтиришга тиришган. Кейин аразлаган, йиғлаган. Аммо кундошини қўйдириб юборишга муваффақ бўлган эмас. Бир-икки бола туғиб, ичкарининг урф-одатига, мусулмончиликнинг руҳига чуқурроқ кира бошлагач, кундошга бўлган рашки баъзан оловланиб қўйса-да, аста-аста тақдирга кўниккан. Энди кундоши билан уч-тўрт кун апоқ-чапоқ бўлиб, оғиз-бурун ўпишгандай бўлар, лекин яна уч-тўрт кун, сабабли-сабабсиз, сира гаплашмай, тескари бурилар эди. Шундай вақтларда Нури:
— Ораларингиздан қора мушук ўтдими?— дерди кулиб.
Марямхон ўзи тўқиганми, ё атрофдан эшитганми, ҳар вақт шундай жавоб берар эди:
— Кундош — бошингда тош, кўзингда ёш...
Баъзи вақт Нурининг аччиғини чиқариш учун, жиддий равишда дер эди:
—   Шошманг, сизга ҳам бир кундош топиб берамиз!
Нури бу гапни ҳазил тариқида айтилганига ишонса-да, баъзи вақт юраги чўчиб кетар эди: «Бу уйда икки хотин олиш бир расм бўлиб қолган экан. Эрим отаси, акаси изидан кетиб, устимга хотин олса-я... Шўрим қурсин, нима қиламан!»
Фазлиддин, Нури қизлик чоғида ўз хаёлида чизган, турли кийим ва қиёфатларда тасаввур этган йигитларга сира ўхшамас эди. Никоҳ куни кечаси гўшангага кириш билан, «тортишмачоқ» ҳангамасидан ҳали ўзига келмаган хотинларнинг қий-чуви давом этаркан, Нури, юзига туширилган узун, оқ рўмоли орасидан, кўзларини яширинча куёвга тиккан, бир онда чуқур ўксиниб, бутун қуввати сўнган каби, бошидан оёғига қадар оҳиста бир титроқ билан қопланганди. Мана шу эр билан уч ойдан буён бирга яшайди. Эрининг феъли, мижоз — табиати кун сайин унга равшанлашди.
Фазлиддин албатта, бадбашара эмас, кўринишда туппа-тузук йигит... Лекин муддатдан илгари туғилиб ўсган одамлар каби, унинг гавдасида нимадир етишмайди, бир мутаносибсизлик сезилади. У ўрта бўйли, кичик гавдали, сийрак сариқ мўйловли, тийрак — ўткир кўзли йигирма уч ёшларда, чаққон, серҳаракат йигит. Аҳли растага ва ёш бойваччаларга яраша дурустгина кийинади, лекин ўзига ортиқча зеб бермайди. Ҳар кун эрталаб бир вақт-да — бир минут кечикиш, ё олдин кетиш йўқ — нонушта қилмасдан дўконга кетади, оқшом албатта, уйга қайтиб, оила билан овқатланади, сўнгра отасини зиёрат қилади. Хуфтон намозидан кейин ўз уйига киради, танчага, Нурининг қаршисига ўтириб, чоллар каби, «ё ҳаётаннабий!» ёки кўпинча, «ё сарваркоинот!» деб, бошини эгарак, жим ўтиради. Аксар, кечалари уй эшигини беркитиб, деразаларга парда туттириб, алла-паллагача пул санайди, бундай вақтда икки қоши ўртасини буруштириб, ўз-ўзича нималарнидир шивирлаб кўяди. Катта рўмолга пулни тугиб, ёстиқдай қилиб, Нурига узатади:
— Сандиққа тиқ, эртага Абдулла акам олади.— Кейин оёғини чўзиб маҳсини тортиш учун Нурига ишорат қилади.
Кечалардан бирида Фазлиддин бошини солиб, мудраб жим ўтирар экан, Нури чидай олмади, биринчи марта аччиқланиб гапирди:
— Сиз ҳам у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирсангиз бўлмайдими? Бу нима, тўрва-халтасини йўқотган гадойдек, шумшайиб ўтирасиз, бағрим қон бўлиб кетди-ку!
Фазлиддин тиржайиб, эгри-бугри тишларининг оқини кўрсатди. Лекин вазиятини бузмай, мулойим товуш билан деди:
— Хафа бўлдингми? Ўринсиз. Уйлаб қара, эртадан-кечгача қанча одам билан муомала қиламан?
— Дўконингизда пиркашиклар бормиш-ку. Улар ишласин, сиз хўжайин бўлиб ўтиринг. Дўконга кечроқ бориб, эртароқ қайтинг. Сизлар ҳам катта бой экансизлар, извош қилинг, беш кунлик дунёда даври-даврон суринг,— деб Нури аччиғидан юзини бошқа томонга бурди.
— Тўғри, биз катта боймиз,— қўлига дўпписини олиб тозалаб гапирди Фазлиддин,— ҳафтамабиль олсак ҳам давлатимиз кўтаради. Лекин давлат дадамники. Мен бунга озгина қўшдим, дадам давлатига яна бир-икки ҳисса қўшай, кейин бирваракай довриқ соламан. Ҳар бир иш ўз вақтида ярашади. Лекин ўшанда ҳам дўконга эрта бориб, кеч қайтаман. Савдогарчиликнинг таомили шу... Бошқаларга ишониб бўлмайди. Қани, иложи бўлса битта одам тутмасдан, бутун ишни ўзим эплай билсам... Иложи йўқ, ҳозир учта прикашик ҳам шошиб қолади.

III

— Эс-ҳушингиз савдода. Уйқуда ҳам кўпинча мол сотиб, пул санаб бақирасиз,— кинояли кулиб деди Нури.
— Ман тинч ухлайман-ку.
— Йўқ!
— Балки тўғридир. Балиқ сувда сузади, сувда ухлайди. Мен ҳам савдода сузиб, савдода ухласам ажаб эмас. Хўп, ўринни сол... Ё раҳмон, раҳматингни аяма!
Бундай эрни Нури ҳеч вақт хаёлга келтирмаган эди. «Кимга тушдим? Бойвачча йигит ҳам шунақа бўладими? Дадамнинг шунча давлати бор экан, эрнинг бой бўлиши лозиммиди манга?»—ўйлар эди у. Фақат у эндиги пушаймонлари унга фойда бермаслигини яхши билгани тақдирга исён қилишга ожизлигини сезгани учун, қайғуларини юракка кўмар эди, бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам бир нима демаган эди.
Нури кўринишда келинчакликни қўлдан бермасликка тиришди. Деярли ҳар кун бошини ювар, пардоз қилар, ҳар куни янги кўйлак киярди. У бу уйдаги хотинларнинг ҳаммасини ёмон кўрди. Лекин зерикканидан, Марямхонни ўзига яқинроқ тутди. Чунки Марямхон очиқ кўнгилли, самимий хотин эди. Дастлаб унинг муомалалари Нурига дағалроқ кўринса-да, кейинча унда ҳеч қандай адоват, ғараз йўқлигини, табиати шундай кескинроқ эканини тушунди. Чол қайната ҳам келинлар орасида Марямхонни кўпроқ севар эди. Аммо унинг ғариблиги ҳам айниқса, «кофир қизини дин исломга мушарраф қилдик, тонгла савоби тегади» деган андиша билан севар эди у.
Кеча ёққан қордан бу кун пешинга қадар ҳовлида из қолмаган эди. Қор эриб, тунука тарновлардан сув вариллаб оқа бошлади. Тарновлар остига қўйилган тоғора, челакларга сув тушаркан, ҳар хил шўх садолар тарқалади. Зангори осмон ҳам шундай тиниқ, шундай беғуборки, кўзни олади... Нури уй деразаларини очди. Қуёш шуълалари қон-қизил гиламларда, токчадаги чинни асбобларда, кумуш идишларда, граммофоннинг текис, ёрқин карнайида ўйнайди. Ҳовли хамирдай балқиган, ундан енгил буғ кўтарилади.
Ҳовлининг нариги бурчида кўринган эски паранжили қизни кўрган замон, зерикканидан, қадрли меҳмонни қаршилаган каби, дарров ўрнидан сакраб турди, даҳлизга отилди...
— Нима бало, дов-дараксиз бўлиб кетдиларинг!— Гулнор билан кўришди у.
— Қиш, лойгарчилик, Нури опа, соғиндингизми?— Гулнор паранжини бир ёққа отиб, дастурхонга ўралган баркашни узатди:
— Қиймали юпқа.
— Бу ердагилар ҳам юпқани мазали пиширишар экан. Ҳар келишингда бир нимани кўтариб келасан. Бундан кейин ҳеч нима келтирма!
— Катта ойим, қуруқ борма, деб қўлимга тутқиздилар,— деди Гулнор.
Уйга кираркан, Нури Гулнорнинг уст-бошига разм солди:
— Қуда-андани ўйлаган ойим сенга бутунгина маҳси ҳам кийгизиб юбормабди. Маҳсингни қара, оёққа илиб бўлмайди.
— Ҳеч ким кўрмас, шу ердан кета қоларман. Ҳам камбағалнинг қизини ким масхара қилади,— деди кулиб Гулнор.
— Жилла бўлмаса ямат маҳсингни!
— Дадам, Йўлчибой аканг ямайди, деган эди, билмадим, қўли бўш эмас шекилли.
— У шаҳардами? Ямоқчиликни билар эканми?— деди Нури ва юраги, нечундир, бир лаҳзада алланечук уриб кетди.
— Анчадан буён шаҳарда. Шокир ота деган маҳсидўзнинг дўконхонасида ўз этигини бутунлаб олибди, дадам шунақа деди.
Гулнор бу ерга келса, Нури ҳар гал бирон оғир юмуш қилдирар эди. Аммо бу сафар қизга иш буюрмади. Танчага ўтқазиб, дастурхон ёзди, гаплашиб ўтирди. Гулнор Нурининг ўз оиласидаги воқеалардан, билган-эшитганларидан сўзлади. Нурининг онаси — Лутфинисо уни қандай соғинганлигини, бугун туш кўрдим, Нури келади деб, эшикка ҳар кун кўз тикканини ва келар жума Ҳакимбойваччанинг гап беришини, шунга Фазлиддин билан у, албатта, боришлари кераклигини, яна Лутфинисонинг бир кўп буйруқларини топширди.
— Шу ҳафта ичи ўзим бориб келмоқчийдим. Ойимни бир ойдан бери кўрганим йўқ. Бир кеча ёнида ётишни орзу қиламан,— деди енгилланиб Нури.
— Яна бир ҳафтадан кейин Салим акам гап берармишлар.
— Баҳона топилиб бораверар эканман. Ишқилиб Абдулла поччамнинг зиёфатига тўғри келмасин...
Сўз айланиб яна Йўлчига тақалди. Нури бу йигит тўғрисда кўпроқ нарса билишни исташ билан баравар, бу қизнинг унга муносабатини очиш каби, яширин, бир ният билан гапни чўзарди. Гулнор дастлаб соддалик билан гапираверди. Йўлчининг кир-чирини ювиб, чопон ва кўйлакларини ямаб берганлигини ва баъзи вақт дадаси Ёрмат буни ва онасини уйга киргизиб, айвонда Йўлчи билан узоқ ҳангамалашиб ўтиришини сўзлади. Нури ўз ичида хўрсинди ва:
— У яхши йигит-а. Санга ёқадими?—деди, тикилиб.
Гулнор қизариб кетди, кўзларини қаерга яширишии билмай жавдиради. Нурининг бу саволи ва бошқа сўзларидан шубҳаланди-да, юрак сирларини чуқур яширишга тиришди. Зотан, бировга очишдан қўрқар ва уялар эди.
Нури Гулнорни жўнатгандан, сўнг, анча, вақт хаёл суриб қолди. Унинг юрагини қарама-қарши ҳислар, кечинмалар ўради. Ўтган ёз хотиралари яна қалбига ҳоким бўла бошлади. Унинг хаёллари сирли ваҳима ва қўрқинч билан боғланган янги оташин лаззатларга сургади...

II

Йўлчи уч ҳафтадан бери шаҳарда. Складдан Мирзакаримбойнинг дўконига, дўкондан яна бошқа жойларга ҳар кун аравада газлама ташийди. Бойнинг дўкони олдига ўнларча, юзларча той газламани тушириб уни ечар, ердан шипга қадар тахлар, яна аравани миниб жўнар эди.
Мирзакаримбойнинг эски шаҳардаги дўкони чит растасида эди. Бу раста — икки томонда, беш-олтита катта дўкон бўлиб, тор, камгак йўл билан баззозликка, шоҳифурушлик растасига туташар эди. Усти тим билан қопланган бу қоронғу растада, одатда бошқа расталарда бўладиган шовқи-сурон, ғовур-ғувур, шошқалоқ оломон, тиқилинч йўқ. Бу ерда бозор кунлари билан бебозор, кунларининг фарқи сезилмайди, бу ерда ҳар вақт жимжитлик ҳукм суради. Бундаги дўконларда жиддий, серсоқол кекла яҳудийларни, уларнинг серҳаракат, чаққон ўғилларини ва прилавка орқасида, нақ мачитда намозда қаққайган каби сукут қилган, кўринишда мутавозе, лекин ҳақиқатда ўлгудай мўлтони, кибрли, димоғдор, аксари хасис мусуламон бойларни, кўриш мумкин. Бу растада минг хил кийимли оломон йўқ, шошилиш йўқ, қўлни сиқиб: «Бор барака топ!»лар ҳам йўқ. Фақат, ҳар бир дўконда кўпинча бир хил товуш: шақ-шақ, шуқ-шуқ чўт қоқилади. Растанинг ичида беш-ўн киши пайдо бўлади, улар сунъий тавозе билан шовқинсиз муомалага киришади. Дўкондор уларга қалин китоб шаклида бир нимани тутқизади Улар буни варақлаб, керакли газламаларнинг парча-парча нусхаларини кўриб, танлайдилар. Кейин газламаларни араваларга тоғ-тоғ қалаб олиб кетадилар. Мол бу ердан Тошкент атрофидаги қишлоқларга, овулларга, Чимкент, Сайрам, Авлиёота каби шаҳарларга, кентларга жўнатилади.
Тишдан қараганда эски, кўримсиз, лекии катта, сермол дўконда Мирзакаримбой билан Салимбойвачча турар эди. Улар харидор билан битишгандан сўнг, қолган ҳамма ишни ширин сўз, эпчил киши — прикашик Саидмурод бажарар эди. У бўш қолган вақтда қўлини қовуштириб, бир чеккада жим турар, хусусан, Мирзакаримбой олдида, эшоннинг ҳузурига кирган мурид сингари, ҳалим вазият олар эди.
Ҳакимбойвачча бир неча кишини эргаштириб, баъзан бу ерда кўриниб қолар, дадаси билан шивирлашиб, яна бир зумда ғойиб бўлар эди. У ҳар вақт шошар, гапирганда, юрганда, ишлаганда — бир нимага интилиш, сабрсизлик сезилар эди унда.
Мирзакаримбой аксар вақт курсида ёки устига гиламча ёйилган прилавканинг бир четида тахланган газламага суяниб, тасбеҳ доналарини бармоқлари орасидан битта-битта ўтказиб, чордона қуриб ўтирар эди. Кир дўпписи қошига қадар тушган, доимо бошида ташиган саватнинг оғирлиги остида бўйи қисқаргандай, япасқи новвой ҳар кун пешин вақтида иккита ширмой нонни бойга ташлаб кетар эди. «Ғарчча мой!»—унинг жарангли овози растанинг тимини тешгундай янграрди. Ёшлигига қарамай, чапанича юришга тақлид этган бир бола — чойхоначининг шогирди — нақ мўлжалли вақтда Мирзакаримбойга чой келтирар, қулоғига қистирилган қалам билан дўконнинг устунига бир «алиф» чизиб кетар эди.
Йўлчи бозор айланиб, газлама ташиб, тоғасининг дўкони олдида баъзан соатларча ўтириб, бозорнинг, савдонинг, савдогарларнинг кўп сирларига ошна бўла бошлади. Турли расталарда оломоннинг шовқини, олтин-кумушнинг жаранги, қоғоз ақчаларнинг шилдираши, савдо дарёсининг тўлқини, бўрони қўйнида одамларнинг турмуши, руҳи, юраги, бахт ва фалокати унинг кўзига яланғочланди. Косиблар, деҳқонлар, ҳар нав камбағал-қашшоқларнинг олов кўйлак кийган каби, бозор жаҳаннамида куйиб-ўртанаётганларини пайқади. Лекин ҳали у кўп сирларга тушунмас эди. Бозорда «аҳли раста» ишлатадиган кўп сўзлар, кўп муомалалар унга ё маъносиз, ё сирли туюлар эди. Аммо ҳаёт ҳар кун, ҳар соат унга янги меваларини ошкора қилар, сирлар яланғочланар эди: Мирзакаримбой ўз олдига қўл қовуштириб келган, дуруст кийинган баъзи бир одамларга қўпол муомала қилар, уларни койир, баъзан рангларини бўз қилиб қўяр эди. Мол олиш учун келган бир йигитга у бир кун шундай деди: «Хўш, мулла, нега ваъдани бузасиз? Жуҳудда бор бигиз бизда йўқми? Бизда ўткирроғи бор! Билиб қўйинг, кўзингизни очиб қўяман!»
Йўлчи бунинг маъносини бир қанча кундан сўнг тушунди: бир кўп харидорлар араваларга, туяларга мол ортиб, ёнларидан, қўлтиқларидан, ғиштдай, гуваладай тахлам қоғоз ақчани Салимбойвачча олдига тўкиб санайди. Аммо аксар одамларнинг пул берган-бермаганини Йўлчи пайқай олмас эди. Бир савдогар ўн той молни олиб бир зумда қорасини ўчирди. Йўлчи таажжубланиб, Салимбойваччадан сўради:
— Ҳов, урра қочди-ку, ақчаси қани! Салимбойвачча бошини чайқаб кулди ва янги, шилдирама оқ қоғозни кўрсатди-да, қутига ташлади.
— Шу бас,— деди бойвачча,— буни вексель дейдилар. Муддатида тўлайди.
— Ҳа, тихирлик қилса-чи?— Йўлчи кўзини катта очиб сўради.
— Кўзини мошдек очиб қўямиз... Уйи куяди, хонавайрон бўлади!— салмоқланиб, лекин қатъий қилиб гапирди Салимбойвачча.
—I Тушундим, тушундим,— деди Йўлчи,— у бигиз, тунов кун тоғам биттасига, бигиз тиқаман, деган эдилар, бигиз...
Салимбойвачча лабини қийшайтириб деди:
— Бе!.. Бигиз нима? Бу заҳарли найзадай, балки ундан ҳам ўткир нарса... Бу олов, ёндиради, куйдиради.
Йўлчи индамади. Отга миниб, аравани гумбурлатиб жўнади. Уша куни совуқ қаттиқ эди. Баъзи йиллари Тошкентда бир неча кун бўладиган ўткир қуруқ совуқ!.. Соқолларда, мўйловларда, киприкларда қиров... Совуққа чидамли Йўлчи ҳам, эгни юпун бўлганидан, оёқларининг жонсизланганини, гавдасининг бужмайганини сезди. У, гўё қиш куни музни ёриб яланғоч ҳолда сувга тушган каби... Ишдан, совуқдан ёрилган қўллари қамчини базўр тутар эди. Лекин, Йўлчи бу жиҳатдан ёлғиз эмас, бозор куни бўлганидан расталарда одам қалин, аксар одамларнинг эгнида «номи кийим»: телпак ўрнига чурук саллани қулоқ аралаш ўраган, дўппи устидан хотинлар каби рўмол ўраган, маҳси-калиш ўрнига оёқларига эски латта боғлаб юрган одамлар билан кўчалар, йўллар тўла эди. Йўлчи «дўппи бозор» дан аравани аранг олиб ўтди: бу ерда зўр тиқилинч, кўпчилиги хотинлар. Буларнинг «қишки кийимини» паранжи ҳам яшира олмас, юзларидаги қайғу изтиробини, машаққатини қалин чачвон ҳам яшира олмас эди. Дўппи тутган қўлларнинг титраши, овозларнинг ҳазинлиги, паранжидаги гавдаларнинг вазияти игна билан тирикчилик қилувчи аёлларнинг фалокатли аҳволларини ёрқин тасвирлар эди.
Йўлчи «Поякилик» орқали ун бозорига, «Мачит-жоме» томонига чиқди. Бу ерда халта-хулта кўтарган косиблар, эркак-урғочи ҳар хил увада қашшоқ лиқ-лиқ.. Қув, эпчил, дағдағали аллоплар қўллари, оғизлари, кўзлари билан ишлаб, «тош-тарозудан» уриб, бева-бечорани овлайдилар.
«Мачит-жоме» бўйлаб ҳар қадамда гадой: қаландарлар, тиланчи болалар, кампирлар...
Йўлчи «пўшт-пўшт»ни минг марта такрорлаб, бозордан чиқди. Унинг музлаган бошида бир фикр уринади: «Ким пулдор, ким мулкдор, ким савдогар — ҳаммасининг бигизи, найзаси бор. Улар бир-бирларига тиқсалар майли эди-я; аммо ўйлаб қарасанг, уларнинг ҳаммаси найзани, бигизни халққа тиқади. Ҳамманинг найзаси бориб-бориб халққа, косибга, деҳқонга, мардикорга, хизматкорга, бева-бечораларга қадалади... Улар дўконларда пўстинларга, мовут чакмонларга ўралиб ўтирадилар. Қоринлари тўқ. Бола-чақалари роҳатда, уйларида қази-қарта қайнайди. Кўзлари ҳам, юзлари ҳам кулади. Камбағал халқ ўлиб-тирилиб меҳнат қилади-ку, қорни тўймайди, эгни бутун бўлмайди. Тўқлар кулади, очлар йиғлайди. Мана ҳар кун юзларча той газлама ташийман. Битта чопон тиктиришга қудратим етмайди, баданим муз — кесилади!» У ўйлай-ўйлай складга етганини сезмай қолди.
Юк ортиб, отни қамчилаб, зидлаб қайтаркан, Хадрага келганда у бирдан отни тўхтатди: аптека деварига қисилган Шоқосим паст, аянчли овоз билан бир нималар сўзлаб, ўткинчилардан садақа сўрайди! Унинг деворга ёпишиб туриши, кўзларини ердан узмаслиги, қўлини чўзмасдан, тавозе билан кўксига олиб туриши — унинг бу вазиятдан қандай азоб сезганини, одамгарчилигининг емирилганидан, уятдан, номусдан ўлимга рози эканини кўрсатар эди. У кўзини ерга тиккани учун Йўлчини кўрмади. Йўлчи эси оғган одамдай, бир нафас бақрайиб қолди, сўнг бошида шу фикр учқунланди: «Мен чақирсам, баттар уялади, ерга киради, ҳам унинг кўзига қандай қарайман! Ёнимда пулим бўлсайди, ёрдамлашардим. Ҳеч нимам йўқ! Уҳ!..» Отни ҳайдади. Фақат озгина юриб, яна тўхтатишга мажбур бўлди: «Ҳар нима бўлмасин, унга суянчиқ керак». Отдан тушиб бир неча қадам орқага юрди ва чақирди: «Шоқосим ака!» Шоқосим бошини кўтариб, атрофга аланглади. Иккинчи чақиришда Йўлчини кўриб, эгилган ҳолда, чориғини судраб келди.
— Аҳвол қалай?—унинг тиланганини сезмаган бўлиб сўради Йўлчи.
— Яширмайман, укам. Сен ҳам билмасликка солма. Аҳвол мана шу— Шоқосим қўлида қисгани бир неча қора чақани кўрсатди. Кўзларига жиқ-жиқ ёш тўлди, нафасини тута олмай, энтикиб яна давом этди:— Нима қилай? Қиш, совуқ... Аммо икки кундан бери... ёлғиз икки кун. Осмон узоқ, ер қаттиқ...
— Ўроз сизни бир қўйчи бойга ёллатганди-ку.— Собиқ ҳамқурнинг фоже аҳволига боқишга ботина олмай, бошқа томонга қараб деди Йўлчи.
— Унинг куйгурда икки ой қадар ишладим. Кейин ҳайдади. Бошимга қанча туҳматлар ортди яна. Бундай одамларни ер ютмаганига ҳайронман...
— Ундайларни ютишдан ер ҳазар қилади шекилли, хафа бўлманг, лекин тиланчилик, тўғрисини айтсам, ёмон нарса, ишланг. Қандай бўлмасин, майли... ҳа, ўғил қаерда?
— Бир бефарзандга болаликка бердим. Қаерда бўлса эсон бўлсин.
— Ишланг.
— Иш қани? Кун йилт этса мардикарликка тушаман. Гадойликдан ўлим яхши, минг марта яхши,— йиғлаб деди Шоқосим.
— Баҳорни кутманг. Қор куранг, самоварчиларга сув ташииг. Эрта-индин ўзим келаман, қаерда бўласиз?
— Анов чойхонадан топасан. Кет энди, юмушингдан қолма, сен ҳам бировга қарам одамсан.— Йўлчига миннатдорлик билан термилиб, орқага қайрилди Шоқосим.
Йўлчининг кўз олди қорайди, руҳан чуқур эзилди, ғайри шуурий равишда отни ҳайдаб кетаркан, бир нима «қарс» этиб, от бир томонга кескин бурилиб тўхтади. Биров бақирди: «Кўзинг борми, қандай аравакашсан!..» Йўлчи бирдан сесканди, араванинг гупчагини бошқа арава гупчагига қаттиқ уриб олганини пайқади.
Уч кундан сўнг Шоқосим тиланчиликдан қутилди. Йўлчи уни бир жувозкаш майда бойга хизматкорликка — унинг жувозини ҳайдовчи сифатида ўрнаштирди. Бу жувозкашдан Йўлчи ўз хўжайинининг сигир-бузоқлари учун баъзи вақт кунжара олиб, у билан таниш бўлган эди. У содда, камтарин одам кўринар эди. У текин хизматкор қидирар эди. Шунинг учун Йўлчининг илтимосига дарров кўниб, шарт бўйича, Шоқосимга овқат, ётиш учун жувозхона олдидан бир ҳужра берди. Агар Шоқосим иш билан ўзини ёқтирса хўжайин ўз билгича «чой чақа» ҳам бериб туради. Шоқосим бу нарсани бир мурувват каби, севина-севина қабул қилди.

III

Оқшом эди. Йўлчи Мирзакаримбойнинг дарвозаси олдида танҳо ўтирар эди. Тор кўчада ҳеч ким йўқ. Кўча туташ балчиқ бўлганидан болаларнинг ўйини тугул, юришга ҳам имкон йўқ эди. Ўткинчилар деворга ёпишиб, эҳтиёт билан қадам ташлаб юришади. Кўчанинг икки томонида бўғот томли, қинғир-қийшиқ хароб уйлар, ярми қулаган деворлар оқшом қоронғисида дардли манзара ясайди, сафолатдан, йўқчиликдан қўрқинч сукутга чўкади, қоронғида аста-аста эриб йўқолади. Қайдадир, бўғотдан сув томчилайди: тик-тик.
Бойнинг дарвозасидан йигирма одим наридаги эски, кичкина эшик кишининг ғашини келтирувчи товуш чиқариб очилди. Сигирни етаклаган қиз, Йўлчининг ёнидан ўтиб, бойнинг дарвозасига кираркан, паранжиси унинг тиззасига тегиб кетди. Бу қиз — Гулнор эди. Сигирни у ва онаси боқади. Лекин бойнинг хотини Лутфинисонинг назорати остида соғилади.
Қизнинг паранжисини кўриш биланоқ йигитнинг юраги қинидан чиқаёзди. Ерга маҳкам тиралган, қўпол этикли оғир оёқлари бир зумда зир титраб кетди. Қачон унинг паранжисини қўрса, қачон овозини тўсатдан эшитса, йигит қалтирайди, ранги оқаради. Чунки Йўлчи уни чуқур севади, жондан, бутун мавжудиётдан севади!
Бундан уч ой илгари Нурини «ўткир нафасли» домлага олиб борган кун, ташқари ҳовлида қорда чўққайиб идиш ювган бу қизга унинг кўзи тасодифан тушган эди. Аммо қиз ялт этиб сўнган юлдуз каби, бир онда кўздан ғойиб бўлган эди. Фақат уни кўриш билан Йўлчининг ўз хаёлида сўроқладиги у «бегона қиз» жонланган эди. Аммо бу воқеадан бир кун кейин, яъни Нурининг никоҳ куни, у «бегона қиз»— узоқ қиз, бутунлай таниш ва яқин бўлиб қолди. Бу шундай бўлди: Нурининг никоҳ тўйи қиём чоғида, ичкаридаги хотинлар учун самовар қайнатиш ишига бойнинг хотини Йўлчини чақирди. Чунки икки катта самоварни узлуксиз қайнатиш, унга сув ташиш, ўтин ёриш ва ҳоказони хотинлар эплай олмас эдилар. Сўнгра тўй кунлари ичкарида самоварни кўпинча эркак киши кайнатиши эскидан бир таомил бўлиб қолган. Энг мутаассиб, энг рашкли эркаклар ҳам буни дин ва диёнатга зарарли деб қарамайдилар. Хусусан, бундай юмушлар хизматкорларга буюрилса, бу ҳеч қандай таажжубланарли ҳол ҳисобланмайди. Чунки хўжайинлар назарида хизматкор — ярим одам...
Йўлчи у кун ичкари кирди. Катта ҳовлига терс бўлган камгак — панароқ жойда самовар қўйиш, ўтин ёриш билан машғул бўлди. Уйларда, айвонларда хотинлар кўп эди. Айвонларда оёқ учларини танчага зўр-базўр тиқиб, жимжит ўтирган хотинлар, албатта атрофдан йиғилган камбағал-чамбағал хотинлар эди. Йўлчи ичкари тўйнинг сирларини ҳам тезда ўқиб олди. Тўй бекаси, Мирзакаримбойнинг хотини аёлларни уч гуруҳга айирган эди. Биринчи гуруҳга донгдор бойвучча хотинлар, эшон ойимлар; иккинчи гуруҳга обрўлироқ оилаларнинг аёллари ва меҳмондўз, билимдон хотинлар; учинчига «чурук паранжилар», тўйга ноиложликдан таклиф этилган ҳар хил узоқ-яқин камбағал қариндош-уруғлар киради. Биринчи ва иккинчи гуруҳлар ясоғлик уйларда ўтиришади. Овқатларнинг сараси уларга тортилади. Қандолатфурушларнинг дўконидаги каби, хилма-хил, ранг-баранг, қимматбаҳо мева-чевалар билан лим тўлган катта патнислар кетма-кет етказилиб турилади. Бошқа аёллар айвонларга ўтқазилиб, кичкина ифлос патнисларда, «пуф деса Бухорога учадиган» тахир чап-чап нон, қуртлоқи туршак, жийда ва тишга ёпишса омбур билан ҳам суғуриб олиш қийин бўлган ёпишқоқ попук тортилади.
Ҳовлида тинмай-қўнмай хизмат қилиб юрган пахмоқ сочли, исқирт кийимли ёш-қари хотинлар ҳам анчагина. Буларнинг орасида Йўлчи кеча ташқарида бир зум кўрдиги қизни таниди. Лекин у энди бир оз дуруст кийинган. Бошида янги рўмол, эгнида эски бўлса ҳам беқасамдан пахталик камзул, оёқларида янгироқ маҳси, эскироқ калиш... У югуриб-елиб хизмат қилади. Дастурхончи ва бошқа қари-қартанг хотинлар Йўлчининг ёнига бемалол келиб кетсалар-да, у қиз яқин келмас эди. Чойни йигитдан эмас, анча узоқда тўхтаб, бошқа қўллардан олиб кетар эди. Уни уялтирмаслик учун, Йўлчи тикилиб қарамади... Дастурхончи хотин уни қарғайди:
— Гулнор ўлгур, сени биров пишириб ейдими? Келавер, нақ қарчиғайдай йигит экан... Тўйда аралашиб-қуралашиб юраверади киши.
Тўйнинг қий-чуви, меҳмонларни чой билан қониқтириш учун шошилиш, отин бувиларга, эшон ойимларга таҳорат суви тайёрлаш каби юмушлар Гулнорни Йўлчи олдига аста-аста яқинлашувга мажбур қилди. У энди, аввалгидай рўмолча учи билан юзини пана қилиб, бошини бир томонга бурмайди. Узоқдан бўлса-да Йўлчига дадил қарайди, баъзан яширин илжаяди.
Мирзакаримбойнинг хотини бир катта бўлак чойни Йўлчига бериб, Гулнорни имлади. Гулнор келгач, у Йўлчи билан қизга шивирлади:
— Мана бу жуда тоза чой. Катта уйда эшон ойимлар ҳам Тўрахўжабойнинг хотини, келинлари, Маҳаммад Шариф қозининг қизлари ўтиришибди. Уларга чойни аччиқ-аччиқ дамланглар, тузукми? У уйга чой сўрашса, Йўлчи акангга келиб шипшит, Гулнор қизим!—деб тўй бекаси Лутфинисо кетди. Унинг орқасидан қиз ва Йўлчи киноя билан бирдан қаттиқ кулишди. Бу кулги уларнинг руҳларини қандайдир улагандай бўлди. Бундан сўнг Гулнор ҳам минут сайин келаверди. Йўлчи ҳар гал кулиб сўрайди: «Эшон ойимми? Шариф қозими? Ё Халча бувими? айтинг!»
Гулнор «қуюқ», «нимтатир» деб жавоб беради. У чиройли майин товуш билан сўзларкан, йигитнинг қўлидан чойнак-пиёла оларкан, шўх, хумор кўзлари билан йигитга қарайди, унинг юзларида, дудоқларида йигитнинг юрагини эритувчи бир табассум ёнади.
Мана шу кундан бошлаб, Йўлчи шу қизнинг асири, мафтуни бўлди. Йигит қалбига чуқур ўрнашган мухаббат уруғи умидлар, орзулар, тоза эҳтирослар алангаси билан танҳо кечаларнинг ширин рўёларида ўсди, ғунчалади, гуллади. Йўлчи учун бу қиз энди бегона эмас. У Ёрматнанг қизи, у яқин. Деярли ҳар қун Йўлчи олдидан паранжига ўралиб ўтади, баъзан унинг овозиган эшитиб қолади. Лекин айни замонда у жуда узоқ. Чунки, Гулнорнинг кўзлари, юзи ёлғиз Йўлчининг хаёлларидагина кулади, жилваланади. Қиз нима ўйлайди, унинг қалби ҳам ишқ алангасида ёнадими, йўқми? Мана уч ой ўтди, буни билмас ади Йўлчи.
Атрофда қоронғилик қуюқлашди. Намозшомдан қайтганларни қоронғи эшиклар «тарч», «тит» билан ютди. Осмон булут. Биронта юлдуз кўринмайди. Ҳамма нарса — уйлар, деворлар, дарахтлар — қоронғиликка жимгина чўкди.
Киши ҳаёт йўлида бошдан кечирган воқеалар орасида бахтли деб ўйлаган замонларини ёдлашдан ҳар чоғ завқланади. Бахтли онлар умр тунида, юлдузлар каби чақнайди, улар юракка тотли ҳасрат ва юпаниш бағишлаб имлайди.
Йўлчи ҳозир қоронғида танҳо ўтириб, Гулнорни, яқинда кўрган қизнинг кўзларида ёнган табассум билан ўз юрагини маст етган бир кунни ёдлар эди. У қорли, совуқ кун Йўлчи учун умрнинг энг мазмунли, энг рангли, энг гўзал куни эди...
Қоронғилик ичидан чиққан кўланканинг товуши Йўлчини ширин хаёлдан айирди:
— Мирзакаримбой деганнинг уйи қайси?
— Ким? Эшвой аками?—таниш товушни эшитиш билан Йўлчи ўрнидан сапчиб турди.
— Йўлчимисан? Сени кўрадиган замон бор экан-ку. Иккиси қадрдонларча кўришди. Бу киши қишлоқда Йўлчининг ён қўшниси бўлиб, Саримсоқбойнинг ерида чоракорлик қилар эди. Камбағал бўлишига қарамай, Йўлчининг оиласига кўлдан келганча ёрдам кўрсатар эди. Йўлчи Эшвой акани хизматкорхонага таклиф қилди. Лекин у кўнмади.
— Бой шаҳарга бир оз юк туширган эди. Ҳозир карвон саройга ташлаб бу ёққа югурдим. Сўрай-сўрай аранг топдим, тезроқ қайтай, ука.
— Икки оғиз гаплашайлик, бизникиларнинг аҳзоли қалай? Юринг,— судради Йўлчи.
— Йўқ дедим, йўқ. Ҳаммалари сиҳат. Энанг кўпданг кўп салом деди. Уканг Қурбон оқсоқол тегирмонида ишлаб туради. Рўзғордан бир қадар сиқилшган. У ёғини суриштирсанг, қишлоқда ҳамманинг рўзғори танг. Энанг беш-ўн танга пул сўраб юборди. Бўлса, чиқариб бер, баёқишлар чайнаб турсин.
Йўлчи ерга қараб бир минут сукут қилди, кейин дўпписини олиб, бошини камбағалчасига қашиб гапирди:
— Онам, укаларим учун бу ерларда, юрибман» Эшвой ака, буни яхши биласиз. Аммо, ҳозир, ёнимда сариқ чақам йўқ. Бойдан сўраб олиб, албатта юбораман.
— Сўраганнинг айби йўқ,— деди Эшвой,— бола йиғламаса она сут бермайди. Бой ўз уруғинг экан, яхши мурувват қилар. Ҳа, ҳаммасини бирдан олма,— секин гапирди Эшвой,— бир бўлагини ол. Қолгани бойда тургани маъқул. Оч уйда қатиқ увимас, деган мақол бор, еб қўясанлар!
Йўлчи кулди, Эшвойнинг елкасини қоқди.
— Хўп, иложи бўлса, эртатаёқ сизга еткизаман. Каппон бозордан топаманми?.. Борди-ю, хеч нима чиқмади, унда кейинроқ ишончли одамдан юбораман.
— Шундай қил, жон ука. Ишончли одамдан юбор. Ҳамқишлоқ деб ҳар кимга ишониб бўлмайди. Бу замонда ўнг кўзинг сўл кўзингга ёв...
Оёқда турган ҳолда яна бир оз гашлашиб сўнг Эшвой жўнаб кетди. Йўлчи ёлғиз қоларкан ўзи учун мушкул масалани, яъни хўжайин олдига кириб, ундан пул талаб, қилишни ўйлади: «Нега булар ўз билгиларича бермайдилар? Қорни очдан қорни тўқнинг нима парвойи бор, деган гап — ҳақ эканда. Қишлоқда ўз жиянларининг оч, яланғочлигини билсалар керак эди. У дам ўйлаб хафа бўлади, дам анча пул юбориб, онасини севинтиришини хаёл қилади; пулни қўлда ўйнаб, ўғлига йиғи аралаш дуо қилган онани, қувонган укаларини кўради ўзи ҳам севинади. Фақат бойдан пул сўрашга ботинмайди.
Хуфтондан сўнг, бойнинг ҳузурига киришга жазм қилди. Меҳмонхона эшигига келиб, тараддудда қолди: камбағал учун ўз ҳақини талаб қилиш ҳам қийин. Чунки хўжайиннинг хурсанд, хафа чоғлари бўлади. Олдин унинг кайфини билиш қерак. Ички бир жасорат билаш эшикни итариб, уй ичига кирганини сезмай қолди. Мирзакаримбой нақшкор меҳмонхонада, атлас кўрпалар тўшалган танчада, олди-орқаси тўла ёстиқ, ўтирар эди. Йўлчи кириши билан вазиятни бузмасдан салмоқланиб деди:
— Кел, қўзим, нима ишинг бор?
Йўлчи лой этиги билан гиламга оёқ босишдан тортиниб, гиламни қайириб, эшик олдида тиз чўкди ва мақсадини тушунтирди. Мирзакаримбой кўзини юмиб тинглаганидан сўнг, анча вақт жим қолди. Ниҳоят, орқасини ёстиқдан узиб, муҳим савдо иши билан шуғулланган каби, жиддий равишда гапириб кетди.
— Хотин тоифасининг ақли қисқалиги ҳаммага маълум нарса. Онанг Хушрўйбибининг ҳам ақли комил деб бўлмайди, жиян. Сан юборган пулнинг мазасига тушундими — бўлди, ҳафтада, ойда пул сўрайверади. Яхши егуси, яхши ичгуси келади, кейин қўша-қўша кийим қилиш орзусига тушади. Хуллас калом, сабрни, қаноатни унутади. Гапимга кирсанг, одам бўлмоқчи эсанг, онанг зорига қулоқ солма!
— Аям меҳнаткаш, жафокаш хотин,— эътироз тариқида гапирди Йўлчи,— ундай енгил, гувиллаган аёл эмас. Мана саккиз ойдан буён бир қора чақа сўратгани йўқ. Тилагим шуки, тоға, аям билан укаларим кишиларга муҳтож бўлмасин...
— Пул топиш қийин,— соқолини тараб деди бой,— аммо пул харажат қилишни билиш ундан ҳам қийин. Сан пул топишдан аввал, пул сарф қилиш йўлини ўрган. Ҳамма гап шунда. Бу нарса сабри қаноат билан бўлади. Камбағални сабри қаноат асрайди. Қаноат қилмаса, шармандалиги ортади. Эшигимда жуда кўп одамлар ишлаган. Ҳар хил тоифадан, кўплари қарзга ботди. Бир хизматчим тўққиз йилгача қарздан қутулмади. Ахири чурук чориғини ташлаб қочиб кетди. Аммо мандан ҳали қутулгани йўқ у. Йигирма сўм қарз эди. Охиратда ҳали жавобини беради. Сан ўзимникисан. Бўйнингни қарзга киргизма дейман. Тушундингми?
Тоғасининг сўзини диққат билан тинглаган Йўлчи, сўз тамом бўлгач, хоҳламаса ҳам, маъқул дегандай бошини қимирлатди-да, жим ўтираверди. Бой ниманидир ўйлаб, узоқ вақт сукут қилди. Кейин ёнини кавлади. Кармонидан беш сўмлик қоғоз олиб, сандалга қўйди. Бир нафас ўйлаб, яна уч сўмлик қоғоз ва бир сўлкавой қўшиб Йўлчига ташлади:
— Олти сўмини юбор. Учи ёнингда қолсин. Ҳа, уқтириб юборки, бу пулга буғдой олсин. Одамотодан буён тирикчилик буғдой, ун билан ўтади. Одамотонинг ўзлари биринчи марта ер ҳайдаб, буғдой сочганлар. Табаррук нарса. Буғдойдан гўжа ош қайнатса бўлади. Ун қилиб, атала-умоч, увра ош, хуллас, ўттиз икки хил овқат пиширилса бўлади. Буғдой шундай азиз овқат. Ҳа, онанг кўрпасига қараб оёқ узатсин, уқтингми?
Йўлчи пулни олиб индамасдан чиқиб кетди.
Мирзакаримбой ёстиққа ёнбошлаб ўйлаб қолди: «Одам ишлатиш хўп яхши нарса-да. Хизматкорлар ҳар кун давлатимга давлат қўшади. Бундан ташқари, охиратда савоб бўлишини уламоларимиз бир оғиздан гапирадилар. Савоблиги ақлга ҳам тўғри келади. Чунки хизматкор аҳли қўлимдан нон ейди. Мен нон бермасам, улар нима қилар эди? Ўз уруғингдан ишлатиш ҳаммадан роҳат. Алдайсан, яхши гапирасан. Юраверади. Овқатдан, кийимдан ҳар кимга шикоят қилмайди. Бегона қурсин, сўзга қулоқ осмайди, унча бер, мунча бер деб жанжаллашади. Кейин, қозоқ, қирғиздан киши баҳра топади. Йилбай қилиб саҳродан келтирасан. Кучи — сув текин, ишлайверади. Содда халқ. Алдасанг бас. Эти сеники, суяги ўзиники...»
Мирзакаримбойнинг насиҳати Йўлчига сира маъқул тушмади: «Тўққиз сўм оламан деб тўқсон гап эшитдим: бўшанглик қилсам, нонимни туя қилиб беришлари аниқ»,— ўйлади у. Юраги дилгир бўлди. Ухлашни истамагани учун кўчага чиқди.
Бу маҳаллада унга маъқул бўлган икки киши бор эди. Бири гузарда тақачилик-темирчилик қиладиган Қоратой, иккинчиси Шокир ота номли маҳсидўз чол. Отга тақа, аравага темир қоқтириб, Қоратой билан дўст тутинган, кечалари зериккан чоғларда Шокир ота дўконхонасига кириб юриб у билан ота-бола бўлиб қолган эди. У ҳозир Шокир ота томон юрди. Дўконхонанинг кўчага қараган, ойна ўрнига шалдироқ қоғоз ёпиштирилган кичкина деразаси узоқдан хира ялтираб кўринди.
Йўлчи енгил эшикчани очиб кирди:
— Ассалом. Ҳорманг, ота!
— Кел, болам, камнамосан.— Дўконхона бурчагида усти ейилган, текис катта косиб тўнкаси орқасида ишлаётган Шокир ота, одатдагича кўзойнагини оз-моз кўтариб деди. У олтмиш беш ёшларда, эти суякка ёпишган, чувак юзи ва пешанаси чуқур чизиқлар — бурушиқлар билан қуюқ қопланган кам соқол кекса эди. Унга, ўн беш ёшидан бошлаб, аввал шогирд, кейин халфа, сўнг мустақил уста сифатида то шу дамгача эрта-кеч букчайиб ишлашга тўғри келгани учун унинг елкаси букри каби ортиқча туртиб чиққан эди. Унинг бутун гавдасида оғир машаққат, изтироб, йўқчилик ва бошқа кулфатлар билан тўла бир умрнинг изларини жуда яққол кўриш мумкин эди.
Шипи паст, деворлари юпқа, торгина дўконхона, ҳар вақтдагидай ивирсиқ. Шоналар, ҳар хил синиқ-мертик қолиплар, чарм резгиси, ширач коса, маҳси ичига ёпиштирадиган эски латталар ва ҳоказо дўконхона юзини тутган. Катта осма лампа тутаброқ ёнгандан, дўконхонада ис ва қурум ҳиди билан тўлган ҳаво дарров димоққа урар эди.
Устанинг шогирди — ўн тўрт яшар Йўлдош, дераза олдида ўтирарди: шон қоқилган, бўйи бир қарич келар-келмас тайёр бачкана маҳсиларни (Шокир ота бачканадўз эди) силлиқ ёғоч билан кучи борича ишқалаб, сўнг қорагул суркаб, уларга пардоз беради. Хира сахтиён маҳсилар пардоздан сўнг йилтирайди, «очилади». Дўконхонанинг тўрида Шокир отанинг ўғли Тоҳиржон ўтиради. У, Йўлчининг эшитишига қараганда, кўпдан буён сил касалига дучср. Бир вақтлар гавдали ва чиройли бўлган ўттиз яшар йигит ҳозир чўпдай озиб кетган. Юзида қон асари йўқ. Унинг катталашган қора кўзлари чироқда аллақандай умидсиз, лекин маънодор ёнади. У дам сари йўталади. Қисқа йўтал. Йўталдан сўнг нафас олиши оғирлашиб, суякдан иборат елкалар кучли равишда чиқиб тушади. Одамшаванда, гап-сўзи маъноли бу камбағал хаста йигитни Йўлчи яхши кўрар, аҳволига кўнгилдан қайғурар эди. Йўлчи бу гал ҳам касалнинг кўнглини кўтариш учун, унга таскин берувчи умидбахш сўзлар айтди. Шундай юпантирувчи сўзларни ҳар кимдан эшита-эшита уларга эътимоди қолмаган ва бадани кундан-кун кўпроқ эриган сари умидбахш сўзларнинг шунчалик мўлроқ ёғилгани учун, бу сўзларнинг маъносизлигини англаган Тоҳиржон киноя билан жилмайди:
— Меники бедаво дард, укам. Бирон кун енгилланиш йўқ. Касал тобора орқага суриб турипти... Шифосиз касалга ҳар бир дору дармон заҳардек амал қилар экан,— у йўталиб кўзларини бир оз юмиб ҳарсиллагандан сўнг, яна сўзлай бошлади,— шифоли касал бўлса-чи, сув ҳам доридек яхши амал қилиб, бемор тузалаверар экан. Барча дорини синадим. Меники бедаво дард. Ҳар бир дори куч-қувватимим сиқиб-эзиб, ўзимни латтадай мажмағил қилади. Уҳ!..—енгил хўрсинди Тоҳиржон.
— Ундай дема, болам. Ноумид шайтон,— юпатиб ғапирди дадаси.— Худои таоло хар бир дардга бир даво яратган. Лекин табиб йўқ. Бурунги замонларда Ибн Сино, Луқмон Ҳаким ўтган. Улар хар бир касалга даво топган. Ибн Синога касалнинг жони чиқмаган бўлса бас экан, тузатар экан. Ҳаммасини эшитганман, эски китоблардан эшитганман, ўғлим.
— Қани улар?— сўради киноя билан Тоҳиржон.
— Улар йўқ. Бу замонда ундай табиблар қолмаган — жавоб берди ота,— табиблар анди алдамчи. Э... болам, ҳамманинг дили бузилган. Шунинг учун дуо ҳам, дори-дармон ҳам яхши кор қилмайди. Энди шифони ёлғиз Оллодан, ҳаллоқ оламдан сўра. Табибларнинг табиби у, Ажаб эмас, шифо берса.
— Худо қаҳрини ошкора қилди-ку, лекин раҳмини биздан яширди шекилли...— йўтал аралаш деди Тоҳиржон. Шокир ота кўзойнаги орасидан ўғлига тикилиб унинг сўзидан норози эканини билдирди.
— Шак келтирма, болам!
Бир нафас жимжитлик ҳукм сурди. Шокир отанинг юз бурушиқларида ғам мавжланган каби туюлди. Шогирд бола лаб-лунжини осилтириб, тумов бўлганидан бурнини торта-торта, энди пайванд тикишга бошлади.
Касал киши то сўнги нафасга қадар тузалишга умид қилади, тузалишга ишонмаса-да, ишонгуси келади. Атрофдаги одамларнинг далдаси умиднинг сўнги учқунини сўқдирмасликка ёрдам беради. Ҳозиргина «меники бедаво дард» деб тузалишдан қатъий равишда умид узганлигини тўла ишонч билан сўзлаган Тоҳиржон, бир неча минутдан сўнг, яна ўз касали ҳақида, табиблар, дорулар тўғрисида сўзламоққа бошлади. Бу билан у, ўз юрагининг бир бурчагида қилча нур, яшаш орзусинииг сўнги жилвалари борлигини исбот қилди. Аммо эсини танигандан буён хаста бўлмаган, табиб бетини кўрмаган Йўлчи табиблар, дорулар тўғрисида ақлга сиғадиган бир тадбир кўрсатиб, бечорани қаноатлантиришдан ожиз эди. Тоҳир каби хасталарга, «узун оғриқ»ларга дала, тоғ ҳавосининг пором келишини эшитган эди, бунга ишонар эди ҳам. У ғамхўрлик билан гапирди:
— Тоҳир ака, қўйинг сиз табибларни. Менга қолса, маслаҳат шу: мана яқин ўртада баҳор, сиз қирга чиқинг, кўкрагингизга тоза шамол тегади. Дала ҳавоси сизга ёғдек ёқади, бутун иллатни, хамирдан қил суғургандай, тортиб олади, кейин тоза қимиз ичинг. Дала қимизи бошқача бўлади. Шаҳарда қимиз эмас, айрон сотадилар.
— Тўғри, жуда тўғри!—бошини бир неча марта қимирлатиб гапирди бемор.— Дала ҳавоси, қимиз, кўкаламзор — дардимга нақ даво. Шу касалга чалинганимда, бир ҳакимга бордим. У томиримни ушлаб, андак мулоҳаза қилди-да, сизники косиб касал, далага чиқинг, баҳри дилингиз очилса, қувватга кириб кетасиз, деди. Лекин иложимиз йўқ. Наинки узоқ сафарга пул керак. Текин қимиз, эт қайда!.. Аҳволимиз сизга равшан,— бемор йўтала-йўтала дўконхонага, чолга ишорат қилди.
— Бир эпини қилса бўлади... Шошманг, Зиёхўжабой сизга ҳаммаҳалла, ён қўшни, эшикларинг бир-бирига ёпишган, шундайми? Чимкент устида уларнинг қўй, йилқиси кўп экан. Кечагина кичик ўғли сўзлаб қолди: мунча уюрда мунча бия, мунча айғир, палон-пистон... оғзимни очиб қолдим. Биласизми, ёзда қимизни ичадиган одам топилмас эмиш... Бойваччалар қатнаб туришар экан, бирга кетасиз. Қўшни ҳақи...
Тоҳир аччиқ кулди, кўзини юмиб бошини чайқади.
— Сиз бу ерда янгисиз, укам Йўлчи. Бу ердагиларнинг феъли ҳуйи сизга жилла маълум эмас.
— Илтимос қилинса...— деди Йўлчи.
Шокир ота ишдан айрилмай, гўё ўз-ўзига дегандай, лекин асабий равишда сўзлай бошлади:
— Биласанми, Йўлчи, бир шоир, билмадим, Сўфи Оллоёрми, шундай деганлар, «Тама нонига қўл очгандан ўл оч!»—маънисига тушундингми? Ана! Биламан, Зиёхўжанинг қўйи, йилқиси тоққа, дала-даштга сиғмайди, Ёзда қимизлари бижғиб ётади. Бунга имоним комил. Лекин ундан менга, сенга нима фойда. Ана бордию, мен зарурият юзасидан илтимос қилдим. У баччағар «хўп» дейдими? Йўқ, ундан бир нима сўрагандан кўра итдан суяк сўраган афзал.— Чол бир минут гапдан тўхтади. Тишсиз оғзига сув тўлдириб, чармга пуфлади, кейин чармни чўзиб-чўзиб гапга тушди:
— Мен қанча хароблашсам, у шунча хурсанд бўлади. Кўкрагида туккан нияти менга маълум, Йўлчибой!
— Сизда қандай кеки бўлсин!—ҳайрон бўлиб деди Йўлчи.
— Кеки йўқ, ёмон нияти бор. Ҳовлиси бизникига ёпишган. Лекин торроқ. Ҳовлимни у ўзиникига қўшиб, ост-уст иморат қурмоқчи, яйраб-яшнамоқчи... Биламан, кўпдан бери кўз тикиб келади. Ман бир парча бошпанамга тиш-тирноғим билан ёпишганимдан, ҳафсаласи пир бўлаёзганди. Аммо, Тоҳиржоннинг касали, рўзғордан қийналганим учун, яна қулоғини тиккайтирди беномус... Ўртага одам қўйиб, раъйимни билмоқчи ҳам бўлди. Тоҳиржоннинг дарди қанча оғирлашса, у шунча қувонади, сенағар. Тирноқча жойимни сен хотинталоққа бермаганим бўлсин!— чол кейинги сўзларини қичқириб гапирди.
Чолнинг юрак яраларини очишда ўзини айбли санаган Йўлчининг кўкраги оғир туйғулар билан тўлди. Тирикчилик учун кеча-кундуз тинмасдан меҳнат қилган ва юрагида шунча ғамни кўтарган бу бели букик, елкаси чиқиқ чолни ва юзида ҳаёт нури ўча бошлаган унинг хаста ўғлини сўз билан юпатишнинг, юракларидан тирқираб оққан қонни сўз билан тўхтатишнинг маъносизлигини сезди. Лекин уларнинг фожи аҳволига томошабин бўлишни ҳам улуғ гуноҳ санади Йўлчи. Шунинг учун Йўлчи аҳволни бирмунча енгиллаштирадиган бир йўл устида ўйларкан, эшикдан бир киши кирди.
— Ҳорманг, уста!
— Келинг, мулла Икром. Ўтиринг,— юмшоқлик билан жой кўрсатди чол.
Мулла Икром баланд бўйли, дағал соқол, оғир қарашли, қирқ бешлар чамасида бир киши эди. Кийими қўпол, лекин янги ва пухта эди. У эшик олдида деворга суялиб чўққайди. Бошидан қозоқи телпакни олиб, қўлида айлантириб, жим ўтирди. Тоҳиржон Йўлчига қараб секингина: «чарчадим, кетай», деди-да қалтираб ўрнидан турди, ҳассага суялиб, каловланиб эшикка томон юрди. Мулла Икром гўё уни ҳозир кўрган каби, ҳам лоқайдлик билан, «Тузукмисиз!» деди. Бечора унга қарамасдан жуда секин, эшитилар-эшитилмас: «Шукур» деб лабини қимирлатди. У шамолнинг кучсиз эпкинида тебранган новда каби, енгил ва ожиз эди. Эшикни базўр очиб чиқиб кетди.
Мулла Икром уста билан гаплаша бошлади. Лекин у тўнг одам эди. Ёқимсиз овози билан устадан бирон нарса тўғрисида савол сўрар, аммо жавобини тингламас эди. Йўлчи уни бу маҳаллада учратгани йўқ эди. Кейинроқ, гапнинг мазмунидан, бу кишининг чор бозорчи, яъни шаҳар атрофидаги қишлоқларга қатновчи бир савдогар эканини ва Шокир отага маҳси учун олдиндан пул бериб қўйганлигини ҳам шу буюртма қилган молни олиш учун келганлигини англади.
Шокир ота қарздорларга махсус мутелик билан ялиниб-ялпангланиб мулла Икромни ва унинг бола-чақаларини дуо қилди, ҳозирча ўн жуфт маҳси беришга қодир эканини сўзлади. Мулла Икром «қийиқ» одам бўлганиданми ёки касби шуни лозим кўрганиданми, муросага унамади:
— Қирқ жуфт бачканага ақча берганмидим? Балли! Сиздан ҳозир йигирматасини сўраб турибман. Иложи бўлса, ҳаммасини бериб қутулганингиз яхши эди-я. Аммо йўқни йўндириш қийин, ана шу борини бераверинг?— У Шокир ота ёнида қатор тизилган, пардозланиб ялтираган маҳсиларни кўрсатди: чол бутун қувваий нутқини ишга солиб, яна ялинди:
— Раҳматли отанг билан жуда қадрдон эдим. Унинг ҳаққи-ҳурмати, инсоф қил, болам. Сен, худога шукур, аҳли савдогардансан. Мендай исқирт косиб эмассан. Дардимни айтаверсам, китобга сиғмайди. Касал ўғил, хотини, боз худо берган уч набира. Ҳаммаси шу чолга қарам. Эрта чоршанба, бозор, ўн жуфтини менга қолдир, эртага сотиб, чайнаб турайлик. Жилла бўлмаса, набираларимнинг жавдираган қора кўзлари учун яна ўн кун, бир ҳафта муҳлат бер!
— Ҳаммада бир ташвиш бор, ота! Тирикчилик ғавғоси ёлгиз сизда эмас, тақдирга тан берасиз-да,— деди мулла Икром тўнглик билан.
Йўлчи бошини қуйи солиб жим ўтирди. Аммо чолиинг ялинишлари, савдогарнинг ўжарчасига оёқ тираб туриши йигитнинг ғазабини ошира бошлади. У ҳали сийрак, қора мўйловини тирноқ учлари билан чимтиб, қовоғини солиб ўйлади: бунга сўз таъсир қилмайди. Бундай одамни озод кўтариш, кўчага олиб чиқиб лойга босиш керак эди. Лекин илож йўқ! Мулла Икром ҳақли эканини ҳаммага уқтира билади. Замона шуларники экан! Шокир ота беҳуда туҳматга қолади.
Чол чармни кўва билан асабий равишда дўқиллатиб уриб, савдогарни яна юмшатишга тиришди:
— Сенга ўхшаш савдогарлар билан хўп муомала қилганман. Биронтасининг тийинига хиёнат қилган эмасман. Ҳақим уларга кетган, лекин уларники-чи — йўқ... Ош ўрнига сув ичиб яшашга розиман. Минг марта розиман. Аммо кишининг чўпига кўз олайтирмайман. Бу ҳафта бўлмаса, келар ҳафта оласан, албатта, албатта оласан.
— Шу замонда ким кимга ҳақини едиради. Қўйинг шунақа гапларни. Саҳар туриб қишлоққа жўнайман, беринг, мен тезроқ кетай, кўзимни уйқу босаётир.
Шокир ота яна ўзининг «қўли қисқалигидан», рўзғор танглигидан ғоят куюниб сўзлади... Ёлғиз ўзи эмас, балки бутун аҳли косибнинг аҳволи пачава эканини очиб ташлади. «Повуркон» моллари ҳар ёқни тўлдириб, косибларнинг бозорини касод қилганлиги, иши чиппакка чиққан косиблар бирин-кетин «тахта-ўқлоғини» йиғиштираётганлигнни ва ҳоказони тасвирлаб кетди. Аммо чолнинг юрагидан тошган сўзлар савдогарга заррача таъсир қилмай, аксннча, унинг тўнглигини оширди.
Йўлчи чидай олмади, кўзларини савдогарга қаттиқ тикиб деди:
— Бобойнинг сўзларига тош ҳам эрийди. Сиз одамсиз-ку! Шу йигирма жуфт маҳсини олиб кетаверасиз, бутун оила қозонини сувга ташлаб ўтирадими? Андак инсоф керак, уят керак. Чолиинг меҳнатда чириган кўксига бигизни қадайверманг!
— Ука, мен ҳақимни сўрайман. Бировнинг киссасига қўл суқаётганим йўқ!— Икром бу сўзларни жуда бепарволик билан гапирди ва Йўлчини ўғри ва муттаҳам деб ўйлаганидан, кўзларига «биламиз» деган бир маъно бериб, истеҳзо билан жилмайди. Савдогарнинг бу қараши Йўлчига қаттиқ тўқинди. Лекин у ёлғиз мўйловини чимтиди ва оғир хўрсинди. Шокир ота ўрнидан турди. Увушган оёқлари ва тиззаларини силаб, маҳсиларни санади. Жуфт-жуфт қилиб Икромнинг олдига қўйди, титроқ товуш билан деди:
— Ол, ўғлим, ҳақингни эртароқ ол...
Савдогар ўрнидан туриб бир керишди, оғзини очиб ҳомуза тортди. Сўнг, энкайиб маҳсиларни секин-секин санади-да, беш жуфтини ажратиб, нарироққа сурди:
— Ота, анов беши сизга қолсин, хафа бўлманг.
— Ҳаммасини олавер, қутулганим яхши. Қарзини тўлаган одам хафа бўладими? Севиниши керак.
— Бир жойдаги одаммиз, яна бир-биримизга ишимиз тушади, отахон! Келар ҳафтага яна ўн беш жуфтини тайёрлаб қўйинг. Ҳа, хоҳлайсизми, мен сизга тери келтириб берай. Хўп, кейин сўзлашармиз. Хайр.— У ўн беш жуфт маҳсини авайлаб кўтариб, эшикдан чиқди.
Чолнинг, ҳозир кўринишида сокин ва дадил бўлса ҳам, хийла асабийлашганлиги сезилар эди. Олдида ётган керакли асбобларини тез топа олмас, кўвани қидирган қўли ширач косага ботар эди. Қайрилиб тушган катаклари кенг, бесўнақай қайроқ бурни учида тер томчилари ялтирар эди. Кўзларига уйқу келган шогирд бола мумли ипни қир-қир... чўзиб, қатим тортар, устанинг аччиғини чиқармаслик учун, ҳеч қаёққа алангламас эди. Йўлчи, Шокир отага тикилган сари, унинг ҳозирги пайтдаги ғамли ўйларини, кечинмаларини унинг ҳаракатларида, кўзойнак орқасида яширинган кичик кўзларининг ифодасида, эски маҳсидай бурушиқ юзининг рангида равшан сеза бошлади. Унинг кўкрагини бир нима чуқур эзди. Дўконхона ҳам совиди. Шамол деразага ойна ўрнига ёпиштирилган қоғозни тимдалади. Йўлчи чиқиб кетмоқ истаркан, яна қолди: «Ота нима қилмоқчи?»—у жўрттага, лоқайдлик билан икки қолипни бир-бирига уриб сўради:
— Бозорга тушасизми эртага?
— Косиб чоршанба куни бозор қилмаса, бир ҳафтагача қўли боғланиб қолади. Гарчи, режа бузилди, лекин бир амалини қиламиз.
— Хўш, бузилган режани қандай тўғриламоқчисиз? Ҳалиги аблаҳ ишни чаппа қилиб кетди-ку?
Чол лаблари билан бир парча эски чармни ҳўллаб туриб деди:
— Ўғлим, беш бачкини пуллаб, ип, мум, ширач, лак оламиз, хўпми?! Уйда бир оз тери бор. Аммо таг чарм йўқ. Бунга ҳам бир илож топиб қўйдим. Қандай? Ўтган йил худо ярлақаб, ўзимга маҳси тиккан эдим. Бўзчи бел боққа ялчимас, кулол мўндига: эшитганмисан? Маҳсини уч кун ҳайитда кийиб, сақлаб қўйгандим, ана уни пуллаб, таг чарм оламиз. Иш яна маромига келади. Аммо, қозон қайнатишга илож топа олмай турибман, ўғлим. Биз палов емаймиз. Бизга мош, сўк, шолғом, бало-баттар бўлса бас. Озгина пул харажатласак, бир ҳафтагача декчамиз биқирлайди.— Шокир ота оғир хўрсинди, сўнгра бирдан «вой»— деб томир тортишган оёғини уқалай бошлади.
— Ота, қозон қайнатишга пул бериб турайми? Кўп эмас, уч сўм,— сўради Йўлчи ерга қараб.
Чол калласини қийшайтириб, Йўлчига тикилди. Унинг бу боқишида, чуқур миннатдорлик, ғарибнинг ғарибга бўлган меҳри ёнар эди.
— Раҳмат, юзга кир, ували-жували бўл, ўғлим. Менга пул берма, пешона тери билан топган пулингни ўзингга харажат қил. Шу сўзинг ўзи олтиндан аъло. Наки, кўнглимни кўтарди. Бу чол,— Шокир ота қўлини кўксига урди, — қандай машаққатларни кўрмаган! Бу қийинчиликми! Йўқ, бу ҳеч гап эмас. Бу қари бош — кўпни кўрди, яна кўрар. Олло Тоҳиржонга шифо берсин, ниятим — шу...—Чол ойнагини олиб, кўз ёшини артди ва яна ишга уринди. Йўлчи унинг раъйига қараб, эътироз қилмади.
— Зарур бўлса, сўранг, мен топиб бераман, хўпми?
— Жуда зарур бўлса, бу бошқа гап,— Шокир ота дуо қилиб, яна миннатдорчилигини билдирди.
Йўлчи кўчага чиқиш билан кескин, совуқ шамол қулоқларида ғувиллаб, игнадай ўткир, майда қор парчаларини унинг юзига урди. Кўча ва томлар қордан оқара бошлаган. У сирпаниб, тойиб хизматкорхонага жўнади...

БЕШИНЧИ БОБ

I

Нури эрдан кўнгилсиз эди. Айниқса кейинги кунларда эрининг қусурини ўз хаёлида ғоят қавартириб юборди, энди у Фазлиддиннинг ҳамма сифатларида, қандай бўлмасин, бир камчилик кўра бошлади. Ёлғиз қолган чоғларида турли ўй-хаёллар билан чулғанадиган бўлди. Биринчи галда эрдан чиқиш тўғрисида ўйлади, ҳар хил режалар қурди. Лекин бу тўғрида қурган ҳар режа, ўйлаб тўқиган ҳар баҳона, биринчи қарашда жуда аниқ ва тўғри — ҳаққоний кўринса-да, ақли сиғдирганча чуқурроқ ўйларкан, пучга чиқаверди. Эрдан айрилиш учун у, ё ота-она уйига қадам босмайдиган бўлиб бир ёққа қочиши керак, ёки ўз оиласи қучоғига қайтмоқчи бўлса, бунга маъқул бир сабаб кўрсатиши керак. Токи ота-онаси ва акалари унинг бу қилиғини маъқул кўра билсинлар. Биринчи йўл Нурига тамом имконсиз бўлиб кўринди. Иккинчи йўл учун салмоқли бир сабаб тополмас эди. Тантибойвачча каби исрофгар, бекорчи, қиморбоз куёвни Мирзакаримбой ҳар қанча ёқтирмаса-да, бир вақтлар катта қизининг ундан айрилиш тилагига тўсиқ бўлган эди. У энди Фазлиддин каби йигитдан қизини айириб олармиди! Нури буни бутунлай имконсиз топди. Унинг хаёли сирли, яширин завқлар диёрига учди, қалби ман этилган лаззатларга интилди. Пул ва бойликнинг қувватига ишонгани учун бу йўлни қулай деб топди, бу йўлга тезроқ қадам босишга ошиқди. Қатъий жазм қилган куни қайнанасидан Фазлиддиннинг Москвага кетиш хабарини эшитди, юраги тоқатсизланди. Кечқурун Фазлиддин акаси Абдуллабой билан узоқ гаплашиб, сўнг, ўз уйига киргач, Нури ясама ноз билан деди:
— Масковга жўнармишсиз, нимага манга билдирмайсиз?
Фазлиддин танчанинг ҳар вақт ўзи банд қиладиган томонига ўтирди, кулиб жавоб берди:
— Ўзимга ҳам шу бугун маълум бўлди. Абдулла акамнинг ўрнига ман кетадиган бўлдим.
— Қачон?
— Эрта-индин.
— Масковда нима қиласиз?
— Савдо Масковда, жоним, яхлит фойда ҳам у ерда. Масковдан нима олиб келай сенга? Буюр!
Нури жилпангланиб жавоб берди;
— Ўзингиз эсон қайтсангиз бас. Тошкентда мандай тўкис келин бормикан? Ҳамма нарса жойида...
— Ман санга шундай нарсалар келтирайки уларни тушингда ҳам кўрмагансан, ўлмайдиган, қимматбаҳо нарсалардан совға келтираман.
— Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, дейишади. Олиб келмагунингизча ишонмайман.
Фазлиддин бу кеча хурсанд эди. Ҳар тўғрида сўзлар, кулар эди. Нури фурсатни қочирмаслик учун ҳийлани ишлатишга қарор қилди. Дарров кўзларига қайғули жилва берди, юзини тескари буриб, шикоятли товуш билан, гўё ўзига-ўзи сўзлаган каби минғирлади:
— Бойликларингга ишонгим келмайди. Номларинг Масковчи бой бўлиб тарқалганига ҳайронман. Мазмуни бировнинг пулини ишлатасизлар...
— Ха-ха-ха...— Фазлиддин Нурининг сўзларидан таъсирланиб қаттиқ кулди.— Отангга пул керак бўлса, биздан қарз олсин. Биз бировдан пул олиб ишлатамизми? Нажмиддинбойдек эски бойнинг ўғиллари-я!
— Қайдам, манга шундай кўринади,— лоқайд жавоб берди Нури.
Бу сўз Фазлиддиннинг ғурурига тегди шекилли:
— Нима учун, хўш?—кўзларини тикди Нурига.
— Бойга ўхшамайсизлар. Ахир, эшикларингда биронта хизматкор бўлмаса, ўтинни хотинлар ёрса... Кўпинча сув ташийдиган одам топилмай, сувсиз ўтирамиз,— деб Нури яна тескари бурилди.
— Ҳа, бизни шу билан камситасанми?—Фазлиддин бошини чайқатди.
— Тўғри-да. Кеча ўтин ёриб, қўлим оғриди,— Нури соғ қўлини касал қилиб кўрсатди ва сохта кулди.— Оғир юмушларга хизматкор керак эмасми, шундай катта оилада?
Фазлиддин йирик тишларини кўрсатиб, хахолади. Кейин жиддийлашди. Ўз ичида хотинининг сўзини маъқул кўрди. Бу нарсани ўзи ҳам ўйлаб юрар эди. Кексалар каби салмоқдор бир оҳанг билан сўзга тушди:
— Тўғри, бир малай керак. Лекин инсофли одамни топиш қийин. Хизматкор, малай қандай бўлса? У танини, жонини хўжайинлардан аямаса, нинадай нарсага хиёнат қилмаса, ўл десанг—ўлса, тирил десанг—тирилса! Бундай одам топиладими? Одамнинг ичини билиш жуда мушкул нарса. Кўринишда фариштадай одамнинг ичида шайтон алайҳиллаъна ўтиради. Бир вақтлар бизда бир отахон ишлади. Ғариб, фақир мўйсафид эди. Кўп йил ишлади. У олтин одам эди. Ҳамма юмушни қилар эди. Сотиб олинган қул қандай бўлса, у ҳам бизга шундай эди. Ўлиб кетди боёқиш. Лекин дадам ҳам яхшиликка яхшилик қайтарди, тириклигида кўрмаса ҳам, ўлгандан сўнг кўрди.
— Нима қилди дадангиз?
— Яхшилаб кўмди. Мусофирларга ўхшаб чуқурга тиқиб қўя қолмади. Бир қўй сўйиб маърака қилди. Ман ўзим бир йилгача ҳар пайшанба куни қуръон ўқиб, арвоҳига бағишлаб юрдим. Бундан ортиқ яхшилик бўладими?
— Тўғри айтасиз, хизматкор қулдай бўлсин,— эрининг ҳалиги фикрини жўрттага қувватлади Нури,— бунақасини топиш қийин. Бири ишёқмас бўлади, бири ёлғончи бўлади, бири ўғри бўлади. Синалган, танилган одамни қидириш керак.
— Балли,— Фазлиддин боши билан хотинининг сўзини таъкидлади,— синалган одам керак. Қаердан топамиз. Меҳмонхонадаги асбобларни, буюмларни кимга ишонамиз ?
— Қўяверинг, ман ўзим топаман,— севинчдан юзлари ёниб гапирди Нури,— дадамда бир малай бор. Нимасини суриштирасиз, мўмин, маъқул йигит. Ўла қолай ёлғон гапирсам. Нақ уч-беш кишининг ишини қилармиш. Ҳам ўзи бизларга қариндош, дадамнинг уруғларидан. Қорни тўқ, эгни бутун бўлса бас. «Инг» йўқ, «жинг» йўқ, ишлайверади. Ана шуни оламиз. Энди сўзингиздан айнаманг, хўпми?
— Майли,—деди Фазлиддин,— лекин, шундай яхши қулни улар бизга беришмас, дейман.
— Манга беришмайдими?—қатъий ишонч билан деди Нури.— Йўқ, албатта беришади.
Нури тўшакда эри билан алла-паллагача гаплашиб ётди. Тили билан Фазлиддинга ҳар хил ёқимли сўзлар сўзласа, фикри бошқа ёқларда кезди. Ўз режасининг бундай қулай амалга ошувидан ҳадсиз севинди. Эри хуррак тортаркан, тескари бурилиб, яна узоқ вақт ўйга ботди, кўзи очиқ эса-да, у ширин хаёллар уйқусида ором олди...

II

Гулнор кўча эшигидан ҳовлисига кираркан, ранг-рўйи ўчган, лаблари титроқ, кўзлари бежо эди. Ердан бир қарич кўтарилган, торгина саҳнга парча-пурча чурук наматлар солинган ва шипи, деворлари тўзиқ айвонга паранжисини отди, тикиш халтасини танчага ташлаб, устунга суяниброқ бир муддат паришон туриб қолди.
Айвонда ямоқ ямаб ўтирган онаси Гулсумбиби — бу ёмон кийинган, ориққина, лекин юзида эски гўзалликнинг излари ҳали сақланган, қирқ ёшли, сокин, камтар хотин бошини кўтариб меҳрибонлик билан қизига қаради.
— Бир нимадан қўрқдингми? Нега бўшашасан?— Гулсумбиби сўраб, яна ишга машғул бўлди.
Онасининг саволидан кўзи очилган Гулнор, ғайри шуурий равишда дудоқларини базўр қимирлатиб деди:
— Йўқ, ўзим, шундай.
— Бошинг оғридими?
— Йўқ. Нимага ташвишланаверасиз?
Гулнор шу топда ёлғизликни, тинчликни истар эди. У секин-секин юриб, кунга терс солинган, бир деразали, кичкина, қоронғи уйга кириб кетди.
Айвонда қолган Гулсумбиби қизини ўйлади. Гулнорда ўқтин-ўқтин рўй берадиган шундай хафалик, паришонлик, ҳаммадан яшириниш, ётсиниш каби ҳолларни бир қанча ойдан бери у сезар эди. Уйлаб-ўйлаб сабабини яхши англай олмас, кўпинча шу икки нарсани гумон қилар эди: биринчиси, кийим-кечаги йўқ, дорпеч, палак тугул, бир қарич буюми йўқ, ўз тенги қизлар орасида уялади шўрлик қизим. Яна авжи ўйнаб-қувонадиган пайтда хўжайинларнинг юмушини қилади. Кир ювади, сигирга қарайди, бола кўтаради. Иккинчиси, Гулнорнинг бир касали бор. Ёш бўлганидан, касалини ўзи сезмаса қерак. Касали ўқтин-ўқтин бир кўриниш бериб қўяди. Худодан бошқа таянчим йўқ, ўзи асрасин!
Лекин бу гал бутун айбни эри Ёрматнинг устига ағдаради. Ота бўлмай ўл. Икки гапнинг бирида, хотин устига бўлса ҳам бойга, ерли-сувликка бераман, дейди, Ниятинг қурсин. Қизимни ўтда ёқмоқчи бўласанми? Қизим ақлли, ҳушли қиз, дадасининг бундай бадниятини билади, шундан хафаланади, куяди. Ота ўлгур, бировнинг малайи бўлса ҳам, ўлгудай кеккайган, такаббур. Қанча совчиларни қувиб юборди ахир. Бирини паст одам дейди. Бирини косиб дейди, бирини аравакаш-оворакаш дейди. Дурадгор йигитнинг онаси қатнай-қатнай тинка-мадори қуриди. Айниқса, ўшанга кўнглим чопган эди. Йигитнинг қўлида гулдай ҳунари бор экан, бўйдоқ экан, уй-жойи тайин экан. Яна сенга нима керак! Энди яна бошқа баҳона топибди. «Қиз маники эмас, бой отамнинг қизи. У киши ўзлари танлаб узатадилар!» Ул ота бўлмай... Бегона ҳар вақт бегоналигини қилади. Қизим бахтли бўладими, ўтда ёнадими, Мирзакаримбойга барибир. У бегона бизга.
Гулнор бутун жиҳози бир намат, токчадаги бир неча синиқ-мертик коса, пиёла ва эски сандиқ устига тахланган бир неча эски, ямоқ-ясқоқ чит кўрпадан иборат бўлган қоронғи, зах уйига кириб танчага оёқларини узатиб ётар эди. У ҳозиргина ўртоғи Хадичанинг уйидан чиқиб, кўчада ҳеч ким бўлмагандан ва сирпанчиқ лойда юриш қийинлигидан, юзини очиб кўзларини ерга тикиб келар экан, қаршида келаётган Йўлчига юзма-юз тўқнашган эди. Гулнор бир энтикиб, юзини яшираркан, Йўлчининг чиройли кенг юзида, мардча ўткир, жонли, теран маъноли кўзларида, қандайдир, илиқ, самимий табассум тошган эди. Сирғаниб, лой сачратиб югурган Гулнор, ўз эшигида бир нафас тўхтаб, кечинмаларини онадан яширишга қанча уринмасин, буни эплай олмаган эди.
Қиз Йўлчини чуқур севар, унинг ёлғиз исмини эшитиш билан юраги тўлқинланар эди. Бу муҳаббат қизнинг кўнглига ёз чоғи, Йўлчи қишлоқдан келган кунлариёқ саратон қуёши билан бирга кирган эди. У ёз чоғи Йўлчига узоқдан, яқиндан, дарахтлар орасидан яширинча термулиб юрган, унга мафтун бўлган эди. Дастлаб бундай туйғунинг моҳиятига тушунмаган эди. Лекин муҳаббат унинг юрагини ҳар кун яна чуқурроқ эгаллаб, дардни кучайтирган, севгининг чин маъносини туя бошлаганди. Бир вақтлар ишқ можароларини ёлғиз эртаклардан тинглаган Гулнор, бир қаричликдан меҳнатга уринган бу жафокаш қиз, энди ўзи ишқнинг олов кўйлагида яшар эди. Лекин Нурининг никоҳ кунигина Йўлчига яқинлашиб, у билан сўзлаша олган эди. Ундан бери учрашувга, икки оғиз сўзлашувга ботина олмасди. Ота-онадан, атрофдаги кўзлардан қўрқар эди: «Фалончининг қизи фалончига хуштор бўлганмиш, фалонмиш, пистонмиш...» каби ҳар хил ғийбат ва ифтиролар тарқалса, одамларнинг бетига қандай қарайди? Лекин, иккинчи томондан, бошқа бир хавф унинг кўз олдида яна даҳшатлироқ гавдаланар эди: онасининг таъбирича, бойпараст ота бир кун тўсатдан: «Бой отам фалон одамни маъқул кўрдилар, эрта тўй, фалон кун никоҳ, тайёрлигингни кўравер, хотин!» деса, у нима қила олади.
Гулнор ишқий кечинмалар, белгисиз хаёллар ичида ўртаниб ёлғиз ётаркан, ҳовлидан отасининг овозини, қўй маърашини эшитди, бош кўтариб деразадан қаради, ҳовлидаги тутга катта семиз қўйни боғлаётган отани кўрди. Унинг чопони белигача балчиқ, юз ва соқолларида ҳам балчиқ томчилари...
— Қизинг қаерда?— бақирди Ёрмат Гулсумбибига.
Гулнор дарҳол ўрнидан турди, кавушини оёққа илиб ҳовлига тушди.
— Сув келтир!—деди Ёрмат.
Гулнор бир обдастага сув тўлдириб, дадасига тутди.
— Қуй ўзинг,— деди Ёрмат ҳам айвоннинг лабига ўтириб, этик ювишга бошлади. Қўллари этикни ишқаларкан, оғзи тинмади:
— Уҳ, ўлиб бўлдим, қизим! Ёлғиз қўйни ҳайдаш — нуқул азоб. Энг гуноҳкор бандага тонгла қиёматда бунчалик азоб бермас тангрим. Икки қадам босади-да, кўча ўртасида тўхтайди. Гўё оёғи ерга михланган. Ҳарчанд уринаман, ўрнидан қўзғалса-чи. Бўйнидан сургайман — йўқ, думбасига арқон солиб тортаман — йўқ. Думба қандай дейсан? Кўрдингмн? Бир ярим пуд мой беради. Суягигача мой: эртага норинхўрлар маза қилади-да!
— Ҳар вақт шундоқ. Роҳатини бошқалар кўради, азоби сизга!—Гулсумбиби пичинг қилди эрига.
Ёрмат бошини ортга, хотини томонга буриб, ўқрайди ва жаҳл аралаш деди:
— Ийя! Аблаҳ, бошқа гап қуриб қолдими? Қўй қанчага олинди дегин, калла-ночасини хўжайиндан сўраб олинг, дегин!.. Эртага нориндан ерсан, буни ўйламайсан-а.
— Ҳар бир гапда салқитини беришади бизларга,— деди-да, Гулнор онасига қаради. Гулсумбиби яширинчи кўз қисиб, қизининг сўзини маъқуллади. Ёрмат эса қизининг бундай маҳмадоналигига ғазабланиб, қош-қовоғини солди. Ушшайган лаблари билан бир нимани пичирлади. Этикни тозалаб, юз-қўлни ювиб бўлгач, кўзларини қизидан узмасдан, чой ича бошлади. Бир оз ҳордиқ чиқаргандан сўнг, қизи ва хотинига қараб, уй ичига кириб ўтириш кераклигини, у ҳозир Йўлчини чақириб, кун кеч бўлмасдан, икковлашиб қўйни сўйиб, гўштини гўштга, мойини мойга ажратмоқчи эканини билдирди. Гулнор бирдан жонланди, шошиб-пишиб отанинг фикрини қувватлади:
— Тўғри, дада! Қўйни эртароқ сўйиб, саранжом қилганингиз яхши. Кечалик иш қурсин. Ҳакимбойвачча акам, биласиз-ку, жуда шоширади сизни.
Ёрмат қиздан хурсанд бўлди... Пичоқ, қайроқ топишни ва гўшт-мой солиш учун тоғораларни тозалаб тайёр қилишни буюрди. Гулнор ҳамма нарсани бир зумда тайёрлаб, дадасига кўрсатди. Сўнгра уйга кириб, дераза олдида тиз чўкди. Кўзлари Йўлчига интизор жавдирарди...

III

Акасининг гапига Нури жума куни қиём найтида етиб келди. Эрга текканидан буён бу тўртинчи келиши эди. У жуда ясанган, билакларида қўш-қўш олтин билагузуклар, бармоқларида бриллиант кўзли узуклар, «тойбарра» нимча устида ранг-баранг товланувчи, гўё олтин ва кумушдан тўқилган каби «коктилла» камзул... У ҳовлида кўриниши билан уй ичи бир лаҳзада дув кўтарилди. Ҳаммадан бурун онаси югурди. Қизини қучоқлаб, пешанасидан ўпди. Унинг кетидан келинойилари, Нури учун эмас, балки қайнона иззати учун, айланиб-ўргилиб кўришишди. Гапга даъват қилинган ўн чоғли қариндош аёллар ҳам кўришиб, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрашиб, Масковга кетган куёвининг сиҳат-саломат қайтиши учун ҳар қайси ўз билганича дуо қилишди. Фақат, шунча эътибор, шунча илтифотга қарамай, Нури зериккан каби хомуш ўтирди. Хотинларнинг суҳбатига бир қанча минут паришон ҳолда қулоқ солиб, икки пиёла чойни базўр ичиб, ўрнидан турди. Ўзини қаёққа қўйишини билмай, юрагини тирнаган кечинмалари, сирли умидлари билан қарорсизланган, маст бўлган каби, ҳовлида кезди, ошхонага кирди. Гулсумбиби шўрва учун тандирда «лочира» ёпади. Яна икки қўшни хотин ўчоқ бошида уймаланишади. Кечки норин учун катта қозонда ёғли қази пишади. Иккинчи қозонда қўй этидан шўрва қайнайди.
Бир соатдан мўлроқ тентирагандан сўнг, ҳовлида пилдираб хизмат қилиб юрган Гулнорни чақирди. Ундан-бундан сўзлашиб, ниҳоят, қандайдир бир мақсад билан сўради:
— Уйларингда ким бор?
— Ҳали кирганимда дадам билан Йўлчи акам бор эди,— деди-да, Гулнор бу тўғрида гапни узайтмаслик учун, тезгина чекинмоқчи бўлди. Нури қошларини чимириб, маъноли кулги билан қизни тўхтатди ҳам секингина деди:
— Юр, ўша ерга чиқамиз. Улар айвонда бўлса, биз уй ичида ўтирамиз. Бу ерда зерикдим, қий-чув, бола-чақа...
Гулнорнинг кичкина чиройли оғзи ҳайратдан бир нафас очилиб, кўзлари: «ростми?» деган каби Нурига тикилди. Чунки қизлик вақтида Нури уларнинг кулбасига жуда оз чиқар эди: мабодо кириб қолса, уларнинг кўрпа-ёстиғидан жирканар, танчага ўтиришдан ҳазар қилар, буни яширмас эди ҳам. Гулнор ҳозир Нурининг меҳрибонлигига севинди. Эрга тегиб, феъли анча яхшиланибди шекилли, деб ўйлади. Қувонч билан сўради!
— Ростми, опа? Катта ойим индамасмикинлар?
Нури жавоб бермади, қарши айвонга бориб, бир четга уюлган паранжилардан эскироғини олди, онасини ёлғиз учратиб, уни ийдириш учун эркаланиб, секингина мақсадини айтди. Онанинг кўзлари така-пука бўлди:
— Бемаъни гапни гапирма, қизим, Сан ким, улар ким? Аллакимларга ўхшаб хизматкорникига чиқасанми? Ё ман кута олмадимми? Хоҳласанг, анов уйга ўзингга алоҳида жой қилиб беришади, ташла паранжини!
— Йўқ, ойи, ҳеч нима керак эмас,— яна мулойим гапирди қизи,— куёвингизни жўнатаман деб чарчагандим. Бу ерда яна шов-шув. Гулнор билан гаплашиб ўтираман у ёрда. Кейин унга ашула айттираман.
— Уҳ бай-бай, ўзинг биласан, болам. Кўп ўтирма... Ҳа, тағин,— онаси жуда секин пичирлади,— бит-мити кирмасин, эҳтиёт бўл!
Лутфинисо Гулсумбиби ва Гулнорни жуда озода-покиза эканликларини, кўрпа-ёстиқлари эски бўлишига қарамай, ҳар вақт тоза тутилишини жуда яхши билса-да, бу гапни айтишдан тоймади Чунки у камбағалларнинг ҳар нимасини масхара қилишга, уларни ҳар жиҳатдан ўзларидан паст тутишга, камситишга одатланган хотин эди.
Гулнор Нурини уйга бошлаб кириб, тагига кўрпача ёйиб, орқасига ёстиқ қўйиб ўтқазди. Бугун унинг кўнгли шод, руҳи дадил эди: кеча дадаси қўй сўйиш билан овора бўлган-да Йўлчи унга қарашиб тураркан, Гулнор мана шу дераза орқали унинг севги тўла кўзларини бир қанча учрата билган эди. Бир соат мобайнида улар узоқдан туриб, кўзлари, табассумлари, енгил энтикишлари билан бир-бирларининг руҳларини, кўнгилларидаги яширин, эзги маъноларини ифода этишган эди.
Нурида шубҳа қолдирмаслик учун, ўзининг Йўлчига бўлган муносабатини бирон ҳаракат билан билдирмасликка тиришди. Айвонда паҳлавондек оғир чордона қуриб, мағрур ўтирган ва бошини қуйи солиб қандайдир от асбобини тикишга жиддий машғул бўлган йигитга дераза орқали тўйиб-тўйиб қарашга зор бўлса-да, Гулнор бу кучли орзуни енга билди. У ўзини бепарволикка солиб, ундан-бундан сўзлаб, «зериккан» Нури опани овутишга уринди.
Нури эса Гулнорнинг гапларига қулоқ солган каби, кўринар, лекин фикри бошқа нарсалар билан банд бўлгани учун, сўзлари, савол-жавоблари сира бир-бирига қовушмас эди. Баъзан бир қадар мойилланиб, деразанинг бир четидан айвонга кўз ташлаб қўяр эди. Унинг паришонлигини, истамасдан суҳбат қилишини сезиб, Гулнор ҳам жим бўлди. Бир қанча минутдан сўнг Ёрмат кириб сукутни бузди. У эски синашта хизматкор бўлганидан, Нури ундан қочмас эди. Шунинг каби Гулнор ҳам Мирзакаримбойдан қочмас, Ҳаким ва Салимбойваччалардан эса бир йилдан буёнгина чала-ярим яширина бошлаганди. Ёрмат севинганидан кафтини ишқаб, кулиб, танчадан бир қадам нарида чўкка тушди.
— Нури опа, эсонмисиз? Бизнинг кулбага қадам қўйишингиз кўнглимни тоғдек кўтарди-да. Балли-балли. Ман сизни ўз қизимдан аъло кўрардим. Мана, тўғри чиқди Ёрматнинг хотири учун кирдингиз раҳмат,— деди Ёрмат.
Нури ўрнидан қўзғалмасдан, совуққина сўрашди. Эзма Ёрматнинг баъзи саволларига «ҳа», «йўқ» деб жавоб берди. Нури гапга эътибор қилмаганидан, Ёрмат энди қизига қараб сўзлай бошлади, Нурининг қайнатаси Нажмиддинбойнинг бир вақтлар мачит солдиргани, куёв Фазлиддинбойваччанинг дўкони, савдосининг зўрлиги ва ҳоказони тилёғмалик билан талай гапирди. Сўнг, ўрнидан туриб, олифтанамо герданиб, уйдан чиқаркан, Гулнор тўхтатди: —Кулчатойдан келтиринг, мен ҳам тўғрайман.
— Озгина қолди, қизим. Ҳозир Йўлчибой тўғраб қўяди. Сизлар бемалол ҳангамалашиб ўтиринглар. Ман ташқари чиқиб меҳмонларга хизмат қиламан.
Нури деразага қараб, ҳовлида Ёрматнинг қораси ўчар-ўчмас, Гулнорга деди:
— Жуда қорним очди. Гулнор, сен бизникига чиқ, ойимга айт, бир патнис ясаб берсин. Писта-бодомдан кўпроқ ол. Ҳа, ким билади, санда ойимнинг юмуши бордир, бир чиқишинг керак,— Нури хўрсинди, сочлари, ғижим рўмолини тузатди.
То эсини танигандан бошлаб Нурининг буйруқларига сўзсиз бўйсуниб келган Гулнор, ҳеч нима ўйламасдан ўрнидан турди.
— Жоним билан, боядан бери айтсангиз бўлмасмиди? — Гулнор паранжисини нари-бери бошига илди.
Нури уйда ёлғиз қоларкан, юраги қаттиқ урди, лаблари қақради, тиззаларида куч қолмаган каби туюлди. У ўйлади: «Айвонга чиқсамми? Йўқ. Гулнорми, Ёрматми бостириб келсалар, шарманда бўламан. Нима қилиш керак? Деразани очиб гаплашув қулай. Узоқдан бир нима «тиқ» этса, ё оёқ товуши эшитилса, «таппа» ерга ўтираман. Уй қоронғу бўлганидан деразани очиб қўйдим, деб баҳона топаман...»
Дераза очилиши билан Йўлчи бошини кўтарди. Унинг кўз олдида Нури! Кўркам ясанган, қулоқларида, бўйнида, билакларида ва бармоқларида олтин ҳам қимматбаҳо тошлар ёнган келинчак Нури! Энди норин учун хамир тўғрамоқда бўлган Йўлчи пичоқни хамирга урган ҳолда бир он ҳайратда, қолди, бутун юзи қизариб кетди.
— Саломатмисиз, кайфингиз чоғми?—деди-да, яна хамир тўғрашга бошлади.
— Кайфим чоғ. Сизни кўриб, яна кўпроқ чоғ бўлди,— Нури дадиллик билан сўзлади ва ноз қилиб кулди. Сўнг бидирлаб Йўлчининг ҳол-аҳволини сўради. Вақтнинг тиғизлигидан хавфланиб, дарров ўз дардини очди.
— Йўлчи ака, мен сизни бу ердан олиб кетаман.
— Қаерга?—секин сўради Йўлчи.
— Бизникига... Бизга сиздай бир одам керак. Бизникида иш минг марта енгил. Албатта, йўқ демайсиз, дурустми?—«Ман» сўзини Нури чертиб кетди.— Ман сизга яхшиликни хоҳлайман,— соч толаларини тишлаб, кўзларини учириб тикилди Йўлчига.
Йўлчи индамади, унинг икки қоши ўртаси буришди, ўйлади «Аҳа, бойвачча куёвидан зерикканга ўхшайди. Қувончи узоққа чўзилмабди-да, энди мани хизматкорликка чақириб, гўдак боладай ўйнатмоқчи. Биламиз!»
Йўлчи учун Мирзакаримбойдан силжиш — Гулнордан айрилиш демак эди. Гулнорнинг бир табассуми унинг учун ҳамма нарсадан маънодор, турмушнинг ҳамма завқларидан улуғ ва қимматли эди. Гулнорнинг кўзлари унга бутун умрни ёритган бир бахт ваъда этар эди. Йўлчи атрофга кўз юргизиб, сўнг мулойимлик билан жавоб берди:
— Шу камбағал қариндошни тортқиламасдан тинч қўйинглар. Умид билан шу ерда юрипти, шу ерда қолсин у. Сизга хизматкор керакми? Ман топиб берай, яхши танишларим бор. Мани қўйинг.— У пичоқни ташлаб, бир қўлини кўксига қўйиб ўтинди.
— Йўлчи ака, бизникида умидга-орзуга тезроқ етишасиз. Сизга нима керак? Қишлоқдагиларни боқиш учун пул керак, кийим керак. Бизда ишласангиз, ҳаммасини мандан оласиз,— Нури кулиб деди.
— Зўрласангиз ҳам бормайман. Орзум, умидим ёлғиз пул, ёлғиз кийим эмас; ишлайман, топаман уларни.
— Яна нима керак?—титраб сўради Нури.
— Ўзим биламан.
Йўлчининг сўзлари, жавоби Нурини эсанкиратди. Чунки у бундай «дағал» муомалани асло хаёлига келтирмаган эди.
— Сиз жуда қийиқ, жуда ўжар йигит экансиз. Ҳали шошманг, деганимга кўнасиз ахири,— деди-да, вақтнинг тиғизлигидан хавфланиб, деразани оҳиста ёпти.

ОЛТИНЧИ БОБ

I

Самарқанддан келган бойлар билан қимор ўйнаб, ҳамма нақд ақчасини ютқизиб, бир неча кун пулсиз қолган Тантибойвачча ўзига қарашли дўконлардан бирини бугун катта пулга сотди. Қўш отли извошини кира қилиб ясланиб, «шўхлик» қилиш учун янги шаҳарга жўнаб қолди.
Мартнинг охири. Кундуз соат уч чамаси. Янги шаҳар кўчалари қуруқ ва тоза, илк баҳор шамоллари ёқимли эсади.
Янги уйғонган, ям-яшил баргчалар билан ясанган дарахтлар қуёш нурида чўмилади. Ҳаво ёрқин ва тиниқ...
Извош «фон Кауфман» ҳайкали олдидан тарақлаб кетди. Бу ерда хода ютган каби гердайган, шоп мўйлов офицерлар кезар эди. Тантибойвачча уларга кўзи тушар-тушмас дарров вазиятини ўзгартириб, тавозе билан дам бошини, дам бутун гавдасини эгар, бир муҳим вазифани бажарган каби, ўз қилиғи учун ўзи фахрланиб, мўйловини силаб қўяр эди.
Извош боши берк кўчада тўхтади. Тантибойвачча кира пулини тўлаб, кўримсиз бир дарвозадан ичкарига кираркан йўлакда, эски курсида ўтирган таниш чолга учради. Чолнинг патак соқоли кирликдан оқини йўқотган, эгнида кирланиб, мойланиб йилтиллаган доғ-дуғли, лекин диққат билан боқилганда, таги асл-пухта буюм эканлиги ҳозир ҳам билинган узун қора камзул, оёқларида эскириб олапесланган амиркон маҳси, йиртиқ калиш. Бу киши бир вақтлар Тошкентда ва Фарғонада донг чиқарган Шомуротбой эди. Бутун бойлигини айш-ишрат, фаҳш, бузуқлик оламида совуриб, у оламнинг тўлқинларида бош айлантиргач, телбаликлар қаҳрамони бўлган, ниҳоят, тақдир уни завқ-сафо тахтидан унинг ифлос остонасига отган эди.
Тантибойваччани кўрган ҳамоно ўрнидан турди. Чиркин, хира кўзларининг ёшини кафти билан артиб, кўришмоқ учун қўлларини узатди.
— Кўринмайсиз, иним Мирисҳоқ? Жилла узоқлаший кетманг, дам ғанимат. Хи-хи-хи.— Бачкана кулди чол.
— Борми?—деди Тантибойвачча.
— Бирон марта сизга топилмай қолганмиди. Пул бўлса бўлди, нокми, нашвотими? Пул бўлса, нақ арш-аълодан келтириб берадилар. Пулни чўз, жаннатнинг калитини қўлингга тутқизаман!—деди-да, чўнтагидан арзон папиросни чиқариб, бойваччага тутди ва ўзи ҳам олифталик билан лабига қистирди.
— Бўш келмайсиз, оқсоқол! Сиз бизнинг пиримиз, эшонимиз. Сўзингизга ишонамиз. Ха-ха-ха...
Тантибойвачча чўнтагидан уч сўмлик қоғоз олиб Шомуротбойга қистирди.
— Раҳмат, иним Мирисҳоқ. Бирон хизмат бўлса, тайёрман!— бойваччанинг орқасидан қичқириб қолди чол.
Тантибойвачча кўпдан таниш ҳовлига, атрофи айрим-айрим эшикли хоналар билан ўралган ҳовлига кирди. Хизмат қилиб юрган ғирром кўзли кампирлар, ёки ботгина кексайган ёш хотинлар билан бош қимирлатиб сўрашган бўлди. Қўранинг сўл ёғида, қуйида, бурчакка яширинган бир уйринг эшигини очди.
— Эҳе, келинг, Мирисҳоқ ака. Ҳар кун сизни кутар эдим-да,— узун бўйли, қора соқолли, кўзлари қизарган киши жойидан қўзғалмасдан бойвачча билан сўрашди. Унинг олдида патнисда бир қанча шиша пиво бор эди. Бир стакан қуйиб бойваччага узатди. Пивони симириб, бойвачча деди:
— Хўжайин, бугун яйрамоқчиман. Асалхон тайёрлансин!
— Қўйинг уни, бойвачча. Зерикмас экансиз-да,— деди хўжайин.
— Ўзи йўқни кўзи йўқ,— норози бўлиб гапирди бойвачча,— уч кун кўринмасам, бошқасига қўндирибсан-да. Ҳақини роса олган эдинг-ку, бўшат уни. Ман ўшани деб келдим. Ақчага мўмой ким бор яна? Кўрамиз!
Хўжайин бир оз ўйланди. Тантибойвачча унинг «соғим сигири» бўлгани учун, хурсанд қилиш керак эди. Пиводан ичиб, юпатди.
— Асалхоннинг асалини хўп тотдингиз, қўйинг, муми бошқаларга қолсин. Иккита ҳурилиқо бор. Бири ўрис, бири ўзимиздан. Иккови ҳам узилмаган гул. Қулинг ўргилсин жононлардан. Ман биламан-ку!
— Бизга ўхшаш соқовларга ўзимизники дуруст,— Тантибойвачча тилини кўрсатди,— бўлмайди.
— Ана шундай денг, дўстим,— деди хўжайин,— лекин сиз ишратни яхши биласиз. Ашуласиз, дуторсиз, суҳбатсиз ишрат, ярим ишрат: ҳали айтганим—ашулада якка. Бойвачча, яна сиз мандан койинасиз. Ишим сиздек тўртта-бешта оғайнилар билан бўлади. Сизлар хурсанд бўлсангиз шу кифоя бизга. Биласиз, меники — гулбоғ. Гулларнинг ҳам шамол ўпмаганлари терилади. Энди нарх-навосини ўзларига ташлайман. Зар қадрини заргар билади. Ха-ха-ха...— хўжайин яна бир стакан пиво тутди бойваччага.
Бойвачча «нархи аҳамиятсиз» деган каби, қўлини бепарво силкиди. Хўжайин ўрнидан туриб, эшикни қия очди, бировни имлаб, яна ўз жойига ўтирди.
Ёшликда сатанг ўтиб, бу доирада сочи оқарган, лекин ҳали ҳам бутун гавдасидан ноз хазонини шилдиратувчи бир кампир кирди.
— Ҳа, бойваччам, энангга нима тортиқ қиласан? Умидим тўлка сандан,— ўйноқланди кампир.
— Тортиғим шу: сизга битта куёв топиб қўйдим. Жуда чайнайдиган йигит-да!— ҳазиллашди Тантибойвачча.
Кампир унда-бунда қолган, тишқоли сурилган тишларини очиб қиҳ-қиҳ кулди ва хўжайиннинг буйруғини кутди.
— Гуландомхоннинг уйига олиб боринг бойваччани!— деди-да, кўзлари ва юз ҳаракати билан яна нималарнидир кампирга ишорат қилди хўжайин.
Тантибойвачча хонага кирганида ҳеч ким йўқ эди. Уй жиҳози бойвачча кўрган бошқа хоналарникидан фарқсиздек. Рангги бир қадар айниган гиламча, узунчоқ хонтахта атрофида девор бўйлаб кўрпачалар тўшалган, икки ёстиқ. Тўрдаги деворда каттагина ойна. Қозиқда садаф билан ишланган дутор...
Бойвачча чордона қуриб ўтирди. Йигирма минут қадар вақт ўтгандан сўнг енгил таъзим билан Гуландом кириб келди. Аланглаган кўзлари билан хотинга бошдан-оёқ разм солди бойвачча.
— Кўзимиз тўрт бўлди, пошшахон, базмингизга муштоқмиз, қони ўтиринг.
— Сизларнинг одатларингиз шу. Ҳар қанақа хотинни мақтайверасизлар. Ростми, ёлғонми, билиб бўлмайди.— Гуландом оҳангдор жарангли овоз билан сўзлади, сўнг ойнага яқин келиб давом этди,— Робия холам шоширгани учун пардозим ҳам чала қолди...— Гуландом деразаларнинг пардаларини тўғрилаш билан машғул бўлди.
Ўн тўққиз-йигирма ёшли, кўркам хотин эди: баланд бўйли, кўкракли, тўла эмас, лекин миқти, диркиллама танга эга; юзи офтоб ялаган оқ юз каби, майин қорамтир; кўзлари қора ва йирик. Бош учида, кучсиз шамол учира билажак даражада енгилгина ўралган ипак дуррача, устида қора-оқ товланмали узун кенг атлас кўйлак. Оёқларида, маҳси каби, пошнаси билинар-билинмас янги амиркон этик...
Тантибойвачча Гуландомга ўз ёнидан жой берди ҳам ўз одати бўйича, дарров хушомадгўйликка бошлади. Эшикни тақирлатиб кампир кирди, кичкина чойнакда чой ва мева-чевали патнис келтириб, патнисни хонтахтага, чойнак-пиёлани Гуландом ёнига қўйди.
— Эна, меҳмондўстликни бугун дўндирасиз,— кейин Гуландомга кўз ўйнатди бойвачча,— нималарни кўнглингиз истайди?
Гуландом «сиз биласиз» деган каби, қоши билан чиройли қилиб имо қилди. Бойвачча ҳозирча кабоб, коньяк, ширин вино буюрди, кечга палов тайёрлашни илтимос қилди.
Гуландом кичкина чойнакдан аччиқ чойни ичи зарҳалли пиёлага оз-оз қуйиб, назокат билан сўзлашиб «ширин» ўтириш ясади. Тантибойвачча шу вақтгача базмини, суҳбатини кўрган ва ҳисобсиз пулларни совурган бир кўп хотинларни энди секин-секин унута бошлади. Бойваччанинг кўзида ҳар бир хотин унинг нафси, ҳирси учун яратилган чиройли мева эдн. Уларга нисбатан у ҳар чоғ қўпол, ҳар чоғ хирпаловчи эди. Чунки у пул кучи билан қаттиқ маст эди. Маст учун гулзор билан шўразор баравар, янчиб ўтаверади!
Лекин Гуландом билан сўзлашган сари, у баъзи қўпол ҳаракатлардан, аблаҳона қилиқлардан ўзини тийишга тириша бошлади. Чунки Гуландом ёлғиз гўзалгина эмас, балки ақлли ва инсоний ғурурини ҳали жилла йўқотмаган хотин каби туюлди. Хўжайин айтганча «узилмаган гул» бўлмаса ҳам, руҳи, қалби бу чиркин, бўғиқ муҳитда сўнмаган, тўзмаган кўринади. Унинг нозида, табассумида, қилиқларида, бузуқ хотинлардаги каби сунъийлик эмас, қандайдир илиқлик ва тозалик сезилар эди. Кўзларидаги ноз-карашма ўрнида, баъзан бир зумда чуқур бир қайғу ёнар эди. Бу ҳолларни Тантибойвачча чуқур англамаса ҳам, ғира-шира сеза бошлади. Гуландомнинг руҳи, гўзаллиги уни бир қадар ўз таъсирига олгандан, у ҳозирча — лоақал овқат ва ичкилик келгунча — у билан одмироқ суҳбат қилишни истади. Гуландомни гапга солиш учун деди:
— Жоним пошшахон, қаерликсиз, қандай шамол сизни бу ерга учирди? Биз ўша шамолга қурбонмиз.
— Дафтарни очиб нима қиласиз?— деди енгил хўрсиниб Гуландом.
— Дафтар узунми?.. Чамаси шунақага ўхшайди. Ростини айтсам, ман шу вақтгача ҳеч бир аёлнинг таг-тугини суриштирган эмасман. Мевани уздик-ку, боғбонини эсга олмадик. Узун бўлса қисқа қилинг, шохдан шохга қўнинг,— мўйловини бураб тикилди Тантибойвачча.
— Узун эмас-ку, лекин...— Бу ёғини айтмади хотин.
— Афтидан, баъзи доғ-дуғи борга ўхшайди. Зарари йўқ, ўтган ишга салавот, деб тинглаймиз-да. Оламнинг наъмасига қулоқ солсанг, ҳар хил нарса эшитасан. Қўлни силташ керак. Менинг бир улоқчи отим бор эди. Энди отмисан, бай-бай! Яқинда ҳаром қотди. Бир хумса отимнинг данғини туширди деб, кечаси ўлдириб кетди. Қаттиқ хафа бўлдим. Аммо, ҳозир парвойимга келмайди.
Гуландом кинояли кулди. Бодом чақиб кавшанган бойваччага чой қуйиб, тутди. Сўнг, ерга қараб, секин-секин сўзлай бошлади.
— Тагимизни суриштирсангиз, намангонликмиз. Дадам жуда ювош, ширин сўз чол эди, бозорда кичкина дўкони бўлиб, эрталаб кетиб, кеч қайтарди. Ёши улғайганда уйланганидан, бош боласи мен эдим, яна икки синглим, Абдисалом деган битта ўғил укам бор эди, юм-юмалоқ, пухта-пишиқ, туйғунгина бола эди. Ҳаммамиз уни яхши кўрардик. Дадам ҳар куни кечқурун ҳар биримизга атаб бирон нарса олиб келар, ҳаммамизни севинтирарди. Лекин, азалда тақдиримиз қора битилган эканми, тез кунда бошимизга оғир кунлар тушди. Дадам синди, дўкончасини йиғиштириб, уй ичига қамалиб олди.
— Киши синдими — четга чиқади, сингандан кўра ўлган дуруст!—бепарволик билан сўзлаб қўйди Тантибойвачча.
— Шўрлик дадам,— дастурхоннинг шокиласини ҳимариб давом этди Гуландом,— нима қилишни билмади. Мардикорлик қилай деса, кучи келмайди. Ётиб еганга тоғ чидамайди. Ҳайтовур, дадам ёшлигида шоҳи тўқишни чала-чатти ўрганиб олган экан. Уй асбобларидан бирмунчасини сотди-да, дастгоҳ қурди. Кўзойнакни тақиб, эрталабдан то шомгача, баъзи вақт кечалари ҳам тўқиди.
— Ҳамма косиб шундай бўлади, жоним! Косибчилик умрнинг эгови,— чойни ҳўплаб-ҳўплаб, гўё ўз-ўзига айтгандай гапирди бойвачча.
— Аммо,— давом этди Гуландом,— бозор касодлигиданми ё иши яхши унмаганлигиданми, дадам тўқувчиликдан ялчимади. Тирикчилик тоши бениҳоят оғир бўлар экан, Бизларни зориқтирмаслик учун аям тикиш тика бошлади. Мен у вақтда ўн уч яшар эдим. Ҳар кун қўшнимиз отин бибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча, кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим.
— Ўқиганмисиз?—деди унинг сўзини кесиб бойвачча.;
— Ўқиганман. Навоий, Фузулийни ҳам ўтганман...— жавоб берди Гуландом.
— Да, айланай отинчадан!—кўкрагига бир урди бойвачча.
— Илгари нима керак бўлса дадам бозордан келтираверарди. Биз билмас эдик баҳоси қанча, дадам пулни қаердан олади?.. Тирикчилик бошимизга тушгандан кейин ҳаммасини била бошладик. Энг бемаза, энг арзон шўрва-шултини қайнатиш учун игна билан қудуқ қазиш керак бўлар экан. Хотинларнинг меҳнати айниқса қадрсиз, сув текин бўлишни ўшанда билдим. Она-бола жаҳду жадал билан тикамиз, ҳар ҳафта атиги ярим сўм, уч танга ўзимизга қолади. Рўзғордан шундай танглик тортдикки, гапирсам, балки ишонмайсиз. Қиш вақтларида дадам зах дўконда ишлагани учун оёқ оғриғи бўлиб қолди. Уйдаги энг керакли асбобларни сотаверди. У биронта асбобни — буюмни қўлтиқлаб уйдан чиқаркан, биз она-бола ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қолардик. Нарсага эмас, чолнинг аҳволига ачинар эдик. Пешанам қурсин, бойвачча ака, ғам устига ғам кўрдим. Мен ўн бешга кирганда аям ўлди. Ҳали қирққа бормаганди. Ёш кетди. (Гуландом бир нафас тўхтаб, бир «уҳ» тортди. Кўзининг чуқурлигидан келган томчиларни артиб яна секин сўзлай бошлади.) Аям ўлгандан кейин аҳволимиз яна оғирлашди. Унинг маъракаларини ўтказиш учун уйимизни қоқладик, қарзга ботдик. Мен укаларимни ювиб-тараб, кечқурун бир қошиқ оби ёвғон қайнатиб, болаларнинг етимлигини билдирмасликка уриндим. Борни тежаб, йўқни йўндириб, дам оч, дам чала қурсоқ бўлиб яшадик. Укаларимни, дадамни севганимдан, ҳар қандай оғирликни орқага ташладим. Болаларни қувонтиришдан бошқани ўйламадим. Ёшим ўн олтига роса тўлгани йўқ эдики, бир пахтачи бойдан хотин устига совчи чиқди, ёши элликдан ошган экан, ўғил-қизлари кўп, лекин пул қутуртириб, ёш қизга уйланишни орзу қилган. Ҳозир ҳамма ерда пулдорлар шундай қилишади. Бошқалар ош-нонга зор бўлса, улар қизга зор! Ёши ҳам, қариси ҳам.
— Бойлар текинга олмайди, пул харжлайди, жоним,— ғулдуради бойвачча. Гуландом бир оз сукутдан сўнг давом этди:
— Дадамнинг ёр-оғайнилари, қўшниларимиз буни маъқул кўришади, бечора чолнинг бошини айлантиришади, шу баҳона билан белингни бир оз кўтариб оласан, деган маънони очиқ айтмасалар ҳам, имо билан билдиришади. Дадам бир кун кечқурун овқатдан кейин, ўзининг қарилигидан, камбағаллигидан гапирди, анча вақт бошини эгиб хомуш ўтирди. Кейин кўз тириклигида мени узатмоқчи бўлганини, ҳалиги Толибжонбойга хотин устига беришга иложсизликдан, рози бўлганини уч-тўрт оғиз сўз билан билдирди. Мен, ихтиёр сизда, кимни маъқул кўрсангиз, розиман дедим. Дадам ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўрнидан туриб, нафасини тута олмай, букчайиб эшикка чиқди. Фарзанд ўғилми, қизми барибир ота-онанинг юраги бўлар экан. Чол бечора ўша кунлари хафаликдан чўпдай қотиб кетди. Дастлаб, мен ҳам хафа бўлдим. Кейинча дадамнинг аҳволини ўйлаб, ақл тарозиси билан тортиб кўриб, тақдирга рози бўддим. Толибжонбойнинг кекса киши эканини, болалари кўплигини қўшни хотинлардан эшитганимда ичим ачиса ҳам, шундай дедим: бу савдо ёлғиз менинг бошимда эмас, юртда қанча қизлар сотилиб-соврилиб кетаётипти, дадам махалланинг кекса камбағали-ку, туппа-тузук одамларнинг қизлари ҳам пул учун иккинчи эмас, учинчи хотин бўлиб узатиладилар... Уҳ, менда ҳам орузлар, ҳаваслар бор эди. Ўзимга муносиб йигитга тегиб, бечорачилик билан бўлса ҳам, тинч, кўнгил билан умр кечиришни истар эдим. Кекса кишига, яна кундош устига тушишни хаёл қилганмидим? Лекин, вақти келганда, кўндим, укаларим тинч, тўқ яшасин дедим.
— Ҳа, буни яхши қилгансиз, айланай сиздан, дўндиқчам!— Тантибойвачча хотинга яна яқинроқ суқилиб, унинг дераза юқорисидан тушган офтобда қора олов каби ёнган сочларини силаб қўйди.
— Тўй катта бўлмади,— давом этди Гуландом,— ҳам жуда совуқ тўй бўлди. Лекин дадам беш юз сўм нақд пул олди. Тўйимдан икки ҳафта ўтар-ўтмас бир, кампирга уйланди. Укаларимнинг кир-чирини ювиб, бағрида олиб ўтирсин, деб бу ишга мен ўзим бош қўшдим.
— Бой акамиз қандай эканлар? Оти Толибжонбой дедингизми? Мен танимас эканман-да. Фарғона бойларидан кўпини танийман. Ораларида қалин оғайниларим бор. Лекин шу замонда бойлар кўпайди. Ҳаммасини билиш қийин,—деди Тантибойвачча.
— Тўғри, бойлар кўпайди. Аммо, камбағаллар, гадойлар-чи? Уларнинг сон-саноғи йўқ. Қаёққа қарасанг камбағал, бекорчи, нонга зор одамларни кўрасан,—Гуландом чойдан бир ҳўплаб, яна ўз ҳикоясини бошлади.—Мен — ўн олтига роса тўлмаган қиз, бирдан ёт ва катта оилага тушиб қолдим. Толибжонбойнинг беш ўғли, уч қизи бор экан. Икки ўғли уйланган, бир қизи эрга теккан, набиралари ҳам бор... Кундошим баджаҳл, шанғи хотин экан. Уч кун ўтмай, бошимда тош чақишга бошлади. Ҳар бир иш унинг буйруғи билан бўлади, ҳеч нимага мени бийлатмайди. Бой эрталаб кетиб, кеч қайтади. Уйдаги синоатни яхши билмайди. Уриш-жанжал кўпаймасии, деб бутун дардимни ичимга ютаман. Бир кундош зулми эмас, бир қарич боладан то катталаригача ҳаммалари менга душман. Ниҳоят, дардим юрагимдан тўлиб-тошиб, баъзи гапларни эримга айта бошладим. Бой нима деди? Кулади қўяди. Сен яхши бўл, ўзлари инсоф қилишар, деди. Шу тариқа бир йил қадар азобда яшадим, ўртада бой ҳам ўлиб қолди. Кечаси бир зиёфатдан қайтиб лахта-лахта қон қусди, азонга яқин жон берди. Билмадим, биров заҳарлаганми, ҳайтовур, вақти-соати етган экан. Бойнинг маъракаси ўтмасданоқ кундошим ҳам ўғиллари, қизлари уйдан қува бошлади мени. Қўни-қўшниларимиз, мерос олмагунча ҳеч қаёққа кетма, деб маслаҳат беришди. Ҳаммаси, меросингни ол, бойда ер кўп эди, пул кўп эди, дейишади. Қандай оламан, буни ўргатгудек одам йўқ. Маҳкамани билмасам, қозихонани билмасам, қаерга бораман? Дадам ювош одам бўлганидан, бундай ғавғолардан ҳар вақт қочар эди. Бойнинг ўғиллари бир тан бўлиб, менга кафтдай ер, бир тийин пул бермасликни очиқча айтишди, менга аллақандай қоғозлар кўрсатишди. Кучинг етса, мана шу васиқаларни янчиб ўт, деб ўдағайлашди...
— Бўшанг экансиз-да,—Тантибойвачча унинг сўзини кесди,—манжалақилик қилиб, додламадингизми, юзларини юлиб тимдаламадингизми? Пул устида ҳар қандай жанжал кўтарсангиз айб бўлмайди. Пул шундай азиз нарса!
Гуландом қайғу аралаш кулди ва «шошманг!» деб сўзини давом эттирди:
— Манга ҳам бир меҳрибон топилиб қолди. Бойнинг гумашталаридан Оқилжон деган бири мени ҳимоя қилди. У бир кун қўшниникига мени чақириб олиб, ҳамма ишни унга топширишимни сўради. Мен эшик орқасида туриб гапирдим, ялиндим, номимдан даъво қилишни топширдим. Оқилжон газет ўқийдиган, закунчи одам экан. Бойнинг ўғиллари билан бир қанча ой талашиб-тортишди. Ниҳоят, бойнинг ўғиллари қозиларга, катта-кон тўраларга порани кўпроқ бериб, ер-сувдан тамом маҳрум қилишипти, менга олти минг сўм пул беришга рози бўлишипти. Оқилжон менга тўрт минг сўм пул берди, икки минг сўм қозилар, амалдорларнинг қорнига кетди, деди. Шунга ҳам жуда севиндим. Тўрт минг сўм оз пулми! Шу ўртада Оқилжон уйланиш учун менга совчи киргизди, дадамга ҳам ўртоқларини юборди. Пулингизни ишлатаман, ер-сув қиламан, ,сиз бойвучча хотин бўлиб даври-даврон сурасиз. Укаларингиз ўз бағрингизда бўлади, деб бошимни айнитди. Ўзи яхшигина, сиз тенги киши эди, ҳам мени ҳимоя қилди. Шунинг учун рози бўлдим. У қўлимдан пулни олди. Иш тарақлаб, пул кўпайгандан кейин, бирваракай ичқи-ташқи данғиллама иморат саломан, деди-да, ёмонгина бир ҳовлини ижарага олди. Ўзи савдогарчиликка киришди. Яхши гапирди, силади-сийпади. Шундай қилиб уч ой ўтди. Бир кун, у, Бухорога жўнайман, деб қолди, ана ундай мол келтириб, мана мунчага сотаман, фалон-пистон, деб ҳовлиқди. Йўл учун дарров патир нон ёптирди. Бой эримникидан гилам ва бошқа асбоблар олиб чиққан эдим. Дастмоя мўл бўлсин, деб уларни ҳам сотди, бир духоба камзулимни Бухорода сотиш учун олди. Ёлғиз қолма деб аллақайдан бир кампирни топиб келди. Хўшлашиб, ўзи жўнади-кетди... Оқилжон ўн беш кунда қайтмоқчи эди. Бир ой ўтди — йўқ, икки ой ўтди — йўқ. На хат бор, на хабар! Савдога қизиқиб қолгандир, деб ўйладим, худодан унга оқ йул тилаб ўтирарердим. Пул ташлаб кетмагани учун, қақир-қуқурни сотиб харжладим. Беш ой ўтганда жуда ташвишландим. Уни, албатта, биррв ўлдириб, пулини олди дедим. Толеим қурсин, деб ёндим, куйдим. Фолбинларга бордим, азиз-авлиёларга назир атадим. Оқилжондан дом-дарақ йўқ. Саккиз-тўққиз ойда Оқилжондан бир хат келди. Савдогарлардан олдин хат келади, кейин ўзлари келишади, дедим-да, севиниб, хатни очдим. Ўша пайтда ерга йиқилаёздим...
— Хатда нима депти закунчи Оқилжон?—қизиқиш билан сўради Тантибойвачча.
— У ғирт муттаҳам экан,—жавоб берди Гуландом,— айтиптики, мен бола-чақали одам, янглишиб, йўлдан озиб сизга уйланган эканман: ниқоҳимдан чиқдингиз, мени кутманг, шунга ўхшаш гапларни ёзипти уйинг куйгур.
— Оббо қизталоқ шайтоннинг домласи экан-а! Закунчиларнинг кўпи шунақа бўлади, биламан,— деди Тантибойвачча папиросини тутатиб.
— Бойвачча ака, дунёда шундай мўлтони, тулки одамлар бўлар экан, қайси юртда, қай шаҳарда эканини ёзмапти. Қаерга бораман? Ёнимда кимим бор Кунларча, ҳафталарча қарғадим. Энди сутишга ҳеч нарсам қолмаган эди. Яна тикиш тикдим. Бу ўртада дадам қазо қилди. Укаларимни узоқ яқин қариндошдаримиз олиб кетишди...
Мен билан яшайдиган кампир бозорчи хотин эди. Бир кун бозордан қайтиб, менга куёв топганлигини сўзлади. Бир мирза йигит топдим, толеинг энди очилади, деб вайсади. Эрга тегиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Чунки эркаклардан яхшилик чиқмаслигини билган эдим. Лекин ота-онадан айрилиб, укаларимдан узоқ қолганим учун юрагим дилгир эди. Ҳалиги кампир ёнимдан кетиб қолса, танҳо яшолмас эдим. Устимда битта чит кўйлакдан бошқа нарса қолмаганди. Шундай бўлса ҳам кўнмадим. Аммо кампир ўлгур мирза йигитни мақтайверди. Бир кун у мендан бёсўроқ, ҳалиги йигитни ҳовлига бошлаб келди, тамоша қил, тагли-тахтли одамнинг боласи, деди. Ҳовлида кулиб, турган йигитга эшик тирқишидан қарадим. У ёш, келишган йигит экан, бошида янги тагдўзи дўппи, устида оқ шоҳи камзул, беқасам тўн... Укаларимни боқса тегаман, дедим кампирга. Кампир у билан сўзлашиб, кейин рози эканини билдирди. Эртаси кун яна келди, кампирга, менга бир қучоқ кийим, ҳар хил мева-чева келтирди. Энди ундан қочмадим. У никоҳ ўқитмади. Тошкентга бориб, ота-оналарининг олдида тўйни қилмоқчи эканини сўзлади, бир ҳафта, ўн кун ичида яна қайтамиз, деб ялинди. Тошкентга бориб, мирза йигитнинг ота-оналарини, уй-жойларини кўриш қизиқ кўринди шекилли, рози бўлдим. Тошкентга келдик. Мени извошга ўтқазиб, тўппа-тўғри номер деган жойга олиб келди, кичкина бир уй ичига тиқди. Тўй қани, никоҳ қани, отаси-онаси қани, уйи қаерда?—ҳаммаси ёлғон экан. Мирза йигитим ўлгур ашаддий шалоқ, бузуқ йигит экан. Ҳаммасини кейин билдим, кўзим очилди, бефойда?.. Йўл-йўриқ билмасам, бу ерда бирон танишим бўлмаса, додимни ким тинглайди? У мени саллаликка ҳам, шапкаликка. ҳам рўбарў қилишга уринди. Бора-бора шу ерга келтириб, ўзи ғойиб бўлди. Яна менга ўхшаш бир шўрликни, бир ғариб бенавони қидириб кетди шекилли...
— Шу ернинг одами у. Ҳар шаҳардан дўндиқларни овлайди. Қўлга тушгансиз. Тақдирда ёзилганни кўраверасиз. Хафа бўлманг, жоним?— юпатишга тиришди Тантибойвачча.
— Худо мени ер юзида энг бадбахт қилиб яратган экан. Бу ифлос ерга туширгандан кўра, жонимни олгани яхши эди. Бузилдим, одамгарчилигим қолмади, суратим одам, бойвачча ака, мендан ҳайвон яхши...— Гуландом бошини қуйи солиб, қўли билан кўзларини яширди.
— Хафа бўлманг,— Гуландомнинг қўлини тортиб, деди Тантибойвачча,— ўз шаҳрингизга ҳам қайтиб қоларсиз. Сизга маслаҳатим шуки, сиз одамини топинг, ишрат қилинг. Сиз энди меники, қўлдан чиқармайман...
— Барибир эмасми? Сиз ҳам ёт эркак. Сиз мендан нима кутасиз, маълум; бу ердан қочсам тузалардим, балки,— Гуландом юрагидаги дард мавжини қуйган каби оғир хўрсинди.
— Мен сизнинг қадрингизга етаман. Яна бир неча улуғвор дўстларим бор. Кейинроқ улар билан таништираман. Сиз бизни хурсанд қилинг, хўжайинга билдирмасдан пул йиғинг. Ана унда ура қочасиз. Сизни ёлғиз пул қутқаради, тушундингизми?
— Пулни сизлардан хўжайин юлиб олади-ку. Шу вақт кампир овқат ва ичимликлар келтирди ва Гуландомдаги нохушликни сезиб деди:
— Хурсандчиликни қўлдан берманглар. Гуландомхон, ҳали сенга нима деган эдим? Бойвачча акангни маст қил, хурсанд қил, гулим,— кампир чиқиб кетди.
Тантибойваччанинг илтимоси билан Гуландом ярим стакан вино ичди. Юзларида ним ранг қизиллик ёнди. Бойвачча овқат еб, устма-уст ичиб, ҳисларини қуя бошлади. Қўллари Гуландомнинг кўкракларида изғиб қолди...
Гуландом бундай турмушга нафрат қилар, бу ифлос доирадан, фаҳш уясидан қутулишни истар, укаларини соғинар, уларни ўз бағрига олиб, ҳар қандай машаққатларга чидаб, тириклик тошини ўз қўли билан айлантиришни орзу этар, лекин, мирза йигитга алданиб, Тошкетга келганидан буён у бутун нафратига қарамай, фаҳшнинг маст қилувчи дудига истар-истамас, кўпроқ қайғудан, аламзадаликдан ўргана бошлаган эди. Ҳасратини дутор ва қўшиқ билан эритишга тиришар эди. Эркак билан сирли суҳбатлар ясаганда ичкиликдан, нози-ишвадан дастлаб ўзини тийишга ҳаракат қилса-да, лекин кўпинча бунга эриша олмас эди. «Меҳмон»нинг кўнгли учун озгина ичгач, кейин винонинг унуттирувчи, юпаттирувчи таъсирига алданиб, анча-мунча ичиб қўйганини ўзи билмай қолар эди.
Бугун ҳам шундай бўлди. Тантибойвачча ярим стаканни қистаб ичиргандан сўнг, ўзи секин-секин ярим шишага етказди. Юзлари ёнди, кўзлари маст порлоқлик билан сузилди.
Тантибойвачча анчагина маст бўлиб, оғзиға келганини валдирашга бошлади. Ҳар муносабат билан ўзини мақтади. Гуландомга суйкалди, унинг атлас кўйлаги остида болқиб турган кўкрагини ўйнади. Кераксиз бўлса ҳам, тантилик учун ҳар хил овқатлар, ичимликлар буюрдн.
— А, ўргулсин,— Тантибойвачча қозиқдаги дуторни кўрсатди,— чалинг, бир шингил ашула қилинг.
Гуландом дуторни олиб созларкан, деди:
— Дутор бўлмаса, бу зиндонда юрагим ёрилиб ўлар эдим. Бир қаричликдан дуторни севаман. Бир қўшни келинчакдан ўрганган эдим. Кўп чала берма, бузилиб кетасан, дерди онам боёқиш, айтгани келди... Лекин айб дуторда эмас!..
Атлас кўйлакнинг кенг енгини тирсакка қадар шимариб, илон бошли олтин билагузук чирмашган тўла, гўзал билакларини очиб дуторни чертди. Унинг бармоқлари дутор қилларида моҳир ўйнади. У эркакча — шаҳд билан чалди. Қиллар қандайдир чуқур мунг билан янгради. «Роҳат»ни эшитиб Тантибойвачча: «Эзиб юбордингиз, жонидан!»—қичқирди ва банги каби бир «дўст» тортди.
— Яна нимани?— табассум билан сўради Гуландом.
— Мен, тўғрисини айтсам, мақомларни билмайман,— ғулдираб гапирди Танти.— Билсам номларидан адашаман. Чалаверинг, нимани чертсангиз, ўша бизга ёқади. Бир шингил ашула ҳам қўшинг!
Гуландом ўйламасданоқ, дуторни чертиб, енгил, шўх ашулани бошлади. Унинг овози майин, тоза овоз эди. Ашулани битириб, дуторни деворга суяб қўйди.
— Қорним тўйгани учун яхши айтолмадим,— кулди Гуландом.
— Нима дедингиз? Қорин оч бўлиши керакми!— ҳайрон бўлиб сўради Тантибойвачча.
— Билмадим, мен бир вақтлар уйда, қариндошларимиз орасида ашула айтган эдим.— Гуландомнинг кўзлари бир онда дард билан сузилди, винодан бир қултум ютиб, давом этди.—Дадам келди: «Болам, қорнинг тўқ экан, овозинг хира чиқди», деди. Биз тушунмадик. Кейин ўша нарсани ҳикоя қилиб берди, ҳали ҳам ёдимда. Бир замонда,— деди дадам,— Афлотун деган бир ҳаким ўтган экан. У ҳеч тинмасдан фикр қилар экан. Лекин фикр қилганда, соқолини битта-битта юлиб олаверар экан. Қўлини банд қилиш учун бир нима ўйлаб чиқаришга уринипти. Ахир бир танбур ясабди. Танбури жарангламабди. Ҳайрон бўлиб ўтирган экан, кўчадан ҳали баланд овоз билан ашула айтиб ўтган йигитлар, яна ашула билан қайтишибди. Лекин, йигитларнинг овози энди жуда суст, бўғиқ эшитилибди. Афлотун югуриб эшикка чиқибди, йигитларни тўҳтатиб сўрабди:
— Болаларим дебди, ҳали овозларинг жуда баланд, янгроқ эди, энди нимага суст бўлиб қолди?—йигитлар кулиб шундай жавоб беришибди: «Ҳали қорнимиз оч эди. Зиёфатга бориб, кўп едик, кўп ичдик. Қорнимиз тўйиб, овозимиз пасайди». Афлотун дарров уйга кирибди, танбурга қараб, қорнинг тўқ экан, дебди-да, танбурнинг ичини кавлабди. Ана шундан кейин танбур жаранглаб чалинибди. Афлотун танбурни чалиб, соқолини юлмасдан, фикрга шўнғибди... Қалай? Дадам бундай гапларни жуда кўп билар эди, бизларни ҳеч зериктирмасди...
— Қизиқ эртак экан отинча, энди сира зерикмайдиган бўлдим. Қани, ўша Афлотун ҳакимнинг соғлиғига ичайлик!— Тантибойвачча кула-кула стаканни кўтарди.
— Ўлганларнинг соғлиғига ичадиларми?— кулди Гуландом.
— Хўп, ишқилиб жаннатда соқолини юлмасин... яна хониш қилинг...

* * *

Кечаси Тантибойвачча извош кира қилиш учун кўчага чиқди. Дарвозадан бир оз нарида турган баланд бўйди, гавдали одамга тикилди, извош фонарининг хира ёруғида таниш юзни учратди.
— Йўлчибой? Нима қилиб турибсан, Салим шу ердами?
— Икки соат бўлди, анов эшикка кириб кетган эди,— деди Йўлчи.
— Ҳозир соат ўн бир. Тез чиқмайди. Мени элтиб қўй. Шошма!
Йўлчи сўзлагунча, Тантибойвачча қоронғида йўқолди. Бир оздан кейин паранжига ўралган хотин билан бирга келди, шошиб-пишиб извошга ўтиришди. Йўлчи, Салимга хабар бермадик, деб эътироз қилди. Тантибойвачча қўлини секин силкди.
— Қўявер, хўжайин — мен. Чол қуламай турибди. Қулаган кун уларнинг ёқасйни бўғаман, меросимни даъво қиламан! Ман ким, ҳайда...
Чорсуга яқинлашганда, Тантибойвачча чап томондаги кичкина кўчани кўрсатди. Извош тўхтаркан, бойвачча олдин хотинни туширди, оёғи остидан бир ўрис саватини олиб Йўлчига тутди: «Олиб кир!»
Бойвачча кавакчадан чўп тиқиб занжирни туширди, каттагина оғир дарвоза «ғурр» этиб очилди. Қоп-қоронғи, узун йўлакдан ўтиб, ташқари ҳовлига чиқилди. Бойвачча бир уйни очиб, чироқ ёқди. Йўлчи саватни дераза остига қўйди. Ундаги шишалар чироқда ярқирарди. Тантибойвачча кўрпачага бемалол ўтириб, дўпписини бир чеккага отди. Даҳлиз томонга қараб қичқирди:
— Кираверинг, жоним!
Атлас кўйлак, ипак дуррачаси, кўркам сочлари билан ёниб-яшнаб Гуландом кирди. Кўзларини чиройли сузиб эски кийимда, лекин кучли, мағрур, келишган Йўлчига тикилди ва бойваччага қараб деди:
— Акам содда деҳқон йигитга ўхшайди. Содда бўлгани яхши. Негаки, шумларнинг қўлига тушиб, не балоларга гирифтор бўлдим. Ниҳоят, мана бу ерга ҳам келдим.
— Ёмон ерга келдингизми? Қаранг...— Тантибойвачча меҳмонхонанинг жиҳозига ишорат қилди.
— Ҳаммаси жойида!— Меҳмонхонага кўз югуртиб деди Гуландом,— ҳайронман, шу қадар бош билан шунча нарсани йиғдингизми?—Гуландом киноя билан кулди, Йўлчи ҳам беихтиёр кулиб юборди. Тантибойвачча Гуландомнинг сўзини ҳазил деб ўйлаган бўлса керак, аҳмоқча тиржайди қолди.
Гуландом гугуртни токчадан олиб, бойваччага имо қилди-да, эшикка чиқди.
— Қаршида...— хотиннинг орқасидан қичқирди Тантибайвачча. Сўнг Йўлчига қараб:— Шошма, кетарсан. Шишани ол, ичамиз. Ҳа, Салим, Ҳакимларнинг жағини эзаман, ука. Лекин чол ҳали бақувват, илиги соғ. Бир кун кўзини юмар ахир. Хотинимга тегадиган меросдан мани қуруқ қилишга уринишади улар. Лекин бўш келмайман!
— Элдан бурун ғовға кўтариб нима қиласиз? Хўп, ман кетдим,— Йўлчи эшикка бурилди.
—Шошма, ичсанг-чи бир пиёла? йўқми! Бўлмаса мана буни ол.— Бойвачча киссасидан бир сўлкавой олиб гиламга ташлади.
— Раҳмат, Мирисҳоқ ака, олмайман,— тўнгроқ жавоб берди Йўлчи.
— Бу ёққа қара, тентак! Камбағал бўлсанг ҳам ўлгудек одмисан, баландда юрасан, биламан. Бу феълингни ташла, ука! Ман санга икки оғиз гапирай: биринчидан, пулнинг қадрини бил, лўлининг эшагини суғор, пулини ол. Санга ярашади, негаки, камбағалсан. Шундай қилиб пул топмасанг сира одам бўлмайсан. Бу замонда фариштага ҳам пул керак. Иккинчидан, пулдорларга эгил! Атрофдаги одамлар бари пулдор одамлар, мана тоғанг, Ҳаким, Салим, мен, яна қанча бойлар бор! Уларга эгилсанг, бошингни силайдилар. Сани кўп синадим, сан ундай эмассан. Ташла бу қилиқни! Пулни ол!..— Қизил гилам устида ярқираб ётган кумушга ишорат қилди.
Йўлчи Тантибойвачча томон бир қадам юрди. Лаблари титраса-да, ўзини совуққонликка солиб сўзлашга тиришдн:
— Балли бу насиҳатга! Йигитнинг юраги, номуси, одамгарчилиги пулдан азиз, пулдан юқори эмасми? Пулдорларга эгилиш пасткашлик эмасми? Эгилувчи билан тиланчи орасида нима фарқ бор? Оз бўлса ҳам пешана терим билан топаман, суқтойлик, мўлтониликка сира юрмайман! Эгилсам бошимни силайсизларми? Йўқ, тек турай, бошимга таёқ билан уринглар, ҳа, шу яхши!
Тантибойвачча бир пиёла винони симириб, лабини буриштирди-да, Йўлчига қараб, «афсус!» дегандай калласинн қимирлатди.
— Ҳалиги жононни кўрдингми?— ҳовли томонга қараб қўйиб гапирди Тантибойвачча.— Бугун базм... Кўнгилга тегдими, яна ўз жойига элтиб қўямиз. Яна бошқаси, мундан созроғини қўлга иламиз. Гап пулда. Шу жонон ҳам бир мусулмоннннг қизи. Аслини суриштирсанг, ота-онасининг қучоғидан уни пул кучи сургаб чиққан! Сан ҳали ёшлик қиласан. Йигитлик эмиш. Бу қандай пучак сўз!
— Манимча,— ўйланиб гапирди Йўлчи,— айб ёлғиз пулда эмас. Айб одамларда, тўғриси, пулдор акаларда. Пулга суяниб ҳар бир номаъқулчиликни қиладилар. Пулнинг кучидан бошқача фойдаланишга йўл йўқми? Мана, бир мусулмон қизига қилган яхшиликларинг?..—Йўлчи кескин ҳаракат билан қайрилиб, ташқарига отилди.
Жимжит, қоронғи кўчалардан отни қаттиқ ҳайдаб кетди. Ҳуштак, шақилдоқ чалган танҳо қоровул кўлкалари унда-бунда учраб қолар эди. Йўлчи Гулнорни кўз олдига келтирди. Маст, аблаҳ Тантибойваччага яна қаттиқроқ гапирмаганига афсусланди. Салимбойвачча ҳам бир камбағал қизни қучоқлаб, ҳозир ишрат қилади. Унинг гандираклаб чиқишини кут, қачон чиқади? Бугун уйқу йўқ. Эрталаб далага жўнайди. Бутун кун ер ҳайдайди!
Ўрдадан ўтганда дарахтларни, уйларни хира нур ёритди: енгил булутлар орасидан ойнинг бир парча кумуши кўриниб қолди...

ЕТТИНЧИ БОБ

I

Нурннинг ҳовлисидаги гилослар гуллаган. Уларнинг оппоқ кўркам гуллари қуёш нурида жуда нафис товланар, сонсиз арилар ва баҳор қўнғизлари гуллар орасида учишиб, ажиб мусийқа тарқатарди. Гуллар ҳидига тўлган илиқ, маст қилувчи ҳаво... Лайлак келганига анча вақт бўлган эса-да, аллақайдан томда ўйнаган болаларнинг овозлари эшитилар эди.

Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди...

Нури гилослар остига қўйилган, панжаралари кўк бўёқ билан сирланган катта ёғоч каравотга қалин кўрпача ёйиб, ёстиққа ёнбошлаб ўтирар эди. Қаршисида, Нуридан ўн қадам нарида Гулнор, дам секингина қўшиқ айтиб, дам Нури билан у-бу тўғрисида гаплашиб, кир ювар эди. У, букун шод, баҳор унинг нашъасига нашъа, гўзаллигига гўзаллик қўшган!.. Енглари шимирилган, тиқмачоқдай оқ билаклар қуёш нурида кумушланар, сочлари қуюқ, киприклари майин ёнар эди.
Нурининг қайнанаси гоҳ-гоҳ келиб, Гулнорга боқишар ва уни мақтар эди.
— Қоп-қоп олтин-кумуш тўкиб олса азрийдиган қизсан. Илоҳим бахтли бўл! Онангга, отангга раҳмат, сенга иш ўргатишипти...
Қайнананинг сўзларини ўзига пичинг деб билган Нури, лабини буриб, аччиқланиб деди:
— Олтин-кумуш қурсинки, ҳамманинг оёғига тўкилаверса... тупроқми?!
— Вой, Нуринисо,— қошларини маънодор чимириб жавоб берар эди қайнана,— эшитмаганмисиз, қадимгилардан қолган бир гап бор: қизга олтин тахт эмас, бармоқдай бахт тила... Ажаб эмас, бахти очилиб, Гулнор ҳам яхши, обрўли жойларга келин бўлса... Ҳа, бу олтин-кумуш эмасми!
— Қуда хола, ундоқ мақтайверманг мани. Ишдан айниб қоламан. Мандай хизматкор, камбағалнинг қизига яраша бир камбағал топилиб қолар. Ўзи яхши бўлса, ақли бўлса — бас.— Кулиб дер эди Гулнор.
Нурининг ҳеч қандай сўзга, ишга тоби йўқ эди. У ўз режасини юзага чиқара олмагани учун, дам ғазабланар, умидсизланар, дам яна янги ҳийлалар тўқишга уринар эди. Йўлчини ёдларкан, унинг юрагида энди ғазаб қўзғалар эди. Отасининг остонасида юрган бир камбағал малай йигит уни назар-писанд қилмасин, унинг ялинишларини, ваъдаларини тингламасин! Ким у? Нега мунча ноз қилади, кеккаяди? «Ман қизлик вақтимда у хавфланди, мандан қочишга интилди. Бу нарса яхши бўлди. Ман унга, албатта, тегмасдим. Шўхликка берилиб, ўзимни беҳуда шарманда қилган бўлар эдим. Лекин энди нимага қочади? Нимадан, кимдан қўрқади? Йўқ, бунда бир сир бор. Ман бу ишни, албатта, очаман!»—деб ўйлар эди Нури.
Ҳозир у қайнанасининг ҳалиги гапларига чидамасдан ўрнидан турди. Ҳовлида ғивиллаб юмуш қилган қайнананинг кўзида, жўрттага бошини баланд кўтариб, қўлларини белга тираб, худди меҳмонга келган такаббур келин қаби, ялқовланиб кезди, гилос гулларини томоша қилди. У шу билан қайнанасига «Чидасанг — шу, чидамасанг — катта кўча. Онам мени иш учун туққан эмас. Сан мани ким билан тенглаштирасан? Гулнор бошқа, мен бошқа!» демоқчи бўлди. Катта ҳовлини, гилосзорни айланиб, Гулнорнинг ёнида тўхтади.
— Чарчадингми?—деди димоғ билан.
— Йўқ. Бундан кўпроқ кирларни юваман-ку.
— Поччанг келса...
— Қачон қайтадилар?
— Аллақачон қайтиши керак эди. Билмадим, қачон келади. Поччанг келса, бир «оқсоч» ҳам бир эркак хизматкор ёллатаман.
— Айниқса «оқсоч» керак сизга.
Нури бир қўли билан дарахт шохини ушлаб, Гулнорга юқоридан тикилиб турди-да, жиддият билан деди:
— Хизматкорликка Йўлчибойни сўрамоқчиман. У синалган одам, сан нима дейсан?
Гулнор бир зум бошини кўтариб, Нурига қаради, яна қуйи солди. Ҳеч нима демади. Лекин, Гулнор қараган вақтда унинг кўзларидаги маънони Нури пайқаган эди. У истеҳзо билан илжайди, синовчи кўзлари билан қизга узоқ тикилиб турди. Гулнорнинг ранги ўчган, лаблари титроқ. Гулнордаги бу ўзгариш уни қизиқтирди. Қизнинг юрагидаги сирларини бутунлай ошкора қилишни истади:
— Нега индамайсан? Йўлчибой бизникига келса, ёмон бўладими? У ўз қариндошим. Поччангдан кўп-кўп пул олиб бераман унга. Аммам боёқиш эшитса хурсанд бўлади. Йўлчини, албатта келтираман. Ўзи ҳам қанот қоқиб келар...
Гулнор титроқ лаблари билан базўргина: «Яхши... аммангизни севинтиринг, ман нима?»— деди-да, кир ёйишни баҳона қилиб узоқлашди. Нури маъноли кулиб, бошини тебратиб, унинг орқасидан қараб қолди...
Кечқурун Гулнор ўз уйига қайтаркан, йўл-йўлакай ҳасратда ёниб, қоронғи хаёлларга чулғонди. Паришонликдан бир неча ерда қоқилиб ўткинчиларга ўзини уриб олди. Йўлчи тўғрисида Нурининг сўзларини эшитган ҳамон, олам унинг кўзига қоронгиланди. Чунки у Нурини билар эди, кўнглига келган ҳар бир орзуни вужудга чиқара билишига чуқур ишонар эди. Йўлда кетаркан, унда турли ўй ва хаёллар билан бирга шундай шубҳа туғилди. «Нега Нури эркаклар ишига бурнини тиқади? Хизматкорларни эри топсин. Йўлчидан бошқа йўқми? Нима учун Нури қишлоқда унутилган аммага ва унинг ўғлига бундай меҳрибон бўлиб қолди? Бунда тағин бир сир бўлмасин... Нури қизликда қандай енгил эди? Оғзидан ҳеч бир қизга ярашмайдиган сўзлар чиқар, йигитларга ҳазиллашишни, тегажакликни яхши кўрар эди...»
Агар Йўлчи Нурининг уйига кетиб қолса, у вақт нима қилади? Бу саволга сира жавоб беролмас, ёлғиз юраги ёнар эди. Йўлчи абадий ғойиб бўлган, узоқ юртга кетган каби туюлар эди.
Қиз ҳорғин, паришон ҳолда уйига етди. Онаси эртага барвақт боққа кўчишга тўғри келгани учун тезроқ ётиб тинчиш кераклигини айтди. Гулнор бу хабарни жуда совуқ қарши олди.
Ёрматнинг оиласи ҳар йил хўжайинлардан бир-икки ой илгари кўчар, хўжайинлар кўчиб боргунча боғнинг ҳамма ишини саранжом қилиб қўяр эди. Дадаси, онаси билан Гулнор ҳам эрта-кеч ишлашар эди.
Хуфтонга яқин Ёрмат келиб, ўзи эртага бошқа иш билан банд бўлгани учун, кўчни Йўлчи олиб боришини, ўзи эса кечқурун боришини сўзлагач, Гулиорнинг кўнглини қоплаган ҳасрат дуди тарала бошлади... Ўрнига ётганда тезроқ тонг отишини кутиб, ҳорғинлигига қарамай, уйқуси ўчди..
Арава дала йўлида. Ёрматнинг қақир-қуқури оз бўлгани учун, араванинг олдинги қисмида Гулнор ва онаси бемалол жойлашган эди. Севикли қизни олиб бораётгани учун қувонган Йўлчи отни илдам ҳайдар, паст, эшитилар-эшитилмас овоз билан қўшиқ ҳам айтиб қўяр эдн. Паранжига ўралган Гулнор атрофидаги нарсаларни онасига кўрсатиб, титроқ овоз билан сўзлар, лекин Йўлчига сўзлашга ботинмас, сўзлашув учун бирон баҳона, сабаб қидиришга тиришар эди. Кечаги дард қалбининг бир чеккасини оғир тош каби ҳали эзса-да, у ҳозир буни ўйламасликка уринар эди.
Қуёш, тоза ҳаво, кенг тиниқ зангори осмон кўзларни беихтиёр тортади. Дала йўлининг икки томонидаги боғлар туташ гуллар билан қопланган. Ўрик, олма, шафтолилариииг кўркам гулдасталари, тоза руҳли қувноқ табиатнинг мўл-мўл ёнган гўзаллик сепи қуёшда турли ранг ва нур билан порлайди. Унда-мунда деҳқонлар ориқ, ҳорғин ҳўкизларнинг туртиб чиққан суякларига «шақ-шақ» уриб, омоч билан ер сурадилар. Бир йигитча кетмон билан ер чопади, овозини қўйиб ора-сира куйлайди, дарахтларда қушлар унга жўр бўлади. Ялангликда подачи бола танҳо тентирайди...
Кўч бойнинг қўрғонидан нарироқда, пастгина гувала девор билан айлантирилган, бутун иморати биргина айвондан иборат қўрғончага туширилди. Гулнор ва онаси дарров ҳовлини супуриб-сидириб, нарсаларни жон-жойига саранжом қилиш билан овора бўлишди. Зарур ишлар битгач, она чой қайнатишга буюрди. Кичик ариққа ҳали сув келмагани учун, Гулнор челак кўтариб, катта ариқда жўнади. У «ёлғиз оёқ» йўлдан борди. Ҳар томон кўм-кўк майса, майсалар орасида турли-туман гуллар...
Бошига онасининг камзулини илиб, баҳорда яшнаган ва ёшлигидан буён таниш бўлган жойларни сайр этиб кетаётган Гулнор катта ариққа яқинлашганда, бирдан тўхтади: ариқ ёқасида Йўлчи юз-қўлини артиб турарди... Гулнорнинг юраги кучли тўлқинланди, бутун гавдасини тотли бир титроқ босди. Орқага қайтиш-қайтмаслик тўғрисида бир лаҳза ўйлаб, кейин олдинга қараб юрди. Йўлчи секингина четланди.
— Челакни шу ерга қўйинг, Гулнор, сувни ман ўзим элтаман,— деди Йўлчи.
Гулнор юзини бошқа томонга ярим ўгириб, жавоб берди:
— Раҳмат, сув ташиб ўрганганман. Сиз ҳам чарчагансиз.
— Чарчаш? Йўқ, Гулнор,— деди кулиб Йўлчи,— чарчаш уят-ку, айниқса, сизни кўчириб келган кун...
— Чинданми? Ё анчики, кўнгил учунми?—шўхлик билан сўради Гулнор.
— Ишонинг, сўзларим юракдан.
Гулнор челакни лойқароқ сувга ботирди ва ариқ бўйига олиб қўйди-да, деди:
— Сиз ҳар вақт чин сўзлайсиз, ишонаман, Йўлчи ака. Лекин... сиз яхши ишлаганингиз учун бошқалар олиб кетмаса экан, деб қўрқаман.
— Нима дейсиз? Тушунмадим, Гулнор?— Йўлчи атрофига кўз югуртиб, қизга томон икки-уч қадам босди.
Гулнор бошига илган камзулни жўрттага эплай олмаган бўлиб, юзини бир зумгина Йўлчига кўрсатиб олди.
— Айта қолайми?.. Нури опам, Йўлчини биз оламиз, бизникида ишлайди, деди. Ростми, биздан кетасизми?— хўрсиниб гапирди қиз.
— Эҳ-ҳе, ҳали шундайми? Нури опангиз тушини сувга айтсин, занжир солиб судрасалар ҳам бошқа ёққа бормайман. Тўғри, бу ерда бир кун тиним йўқ. Бу ердан яхшироқ жой топиб бўлар, лекин истамайман...— деди йигит.
— Нимага? Ҳар ким ўз тинчлигини хоҳлайди. Нури опаники ҳам яхши жой-ку,— деди-да, Гулнор яширинча Йўлчига қараб олди.
— Буни ўзим биламан.— Йўлчи бир оз сукут қилди. сўнг деди:—Сизга айтсам, хафа бўлмайсизми?
— Нимага хафа бўлай? Айта қолинг, балки севинарман, ким билади...— ширингина сўзлади Гулнор.
— Сизни кўзим қиймайди, сиздан узоқлашгим келмайди, Гулнор!
Гулнор юзини роса очди, юрак тўлқини шиддатланди, ғайри шуурий равишда Йўлчи томон юрди. Чиройли кўзларидан томчилар гул шабнами каби юзларига қуюлди, лаблари титради:
— Ростми? Рост?..
— Чин сўзим, Гулнор, манга ишонмайсизми?
— Ман... қайдам,— Гулнор кўзларини бир лаҳза туширди, сўнг Йўлчига тикилиб деди,— йўқ, ман ишонаман. Ўзимдан ортиқ сизга ишонаман. Сиз кўнгли тоза йигит, биламан...
Йўлчи титроқ қўллари билан Гулнорнинг сочларини аста силади. Ҳар иккисининг кўзлари ёш ва кучли муҳаббатнинг чуқур маъноси, нашъаси ва самимияти билан бир-бирига узоқ тикилди...

II

Гулнорни синовдан ўтказгандан кейин, Нурида ҳеч қандай шак-шубҳа қолмади. У ҳар қизнинг, ҳар хотиннинг феъли, ахлоқини ўлчашда ўзини намуна қилганлигидан, Йўлчи билан Гулнор ўртасида бир кўп сирли воқеалар бўлганига ишонди ва шундай ўйлади: «Йўлчининг бошини айлантирган, орзуларимга тўсиқ бўлган — Гулнор. Чучварани хом санабди чўри қиз. Ҳадди борми?! Мен унинг кўзини ўйиб олай, ошиқ-маъшуқликни унга ким қўйибди, тирмизак чўри!»
У иккиланиб ўтирмади. Уч кундан сўнг, онасининг олдига югурди. Лекин Ёрмат оиласининг боққа кўчиб кетганини эшитиб афсус қилди: кошкийди, Гулсумбиби шу ерда бўлса, Гулнорнинг «бузуқлигини» унинг қулоғига еткизса...
Нури энди ўз онаси орқали бу «сирни» фош қилмоқчи бўлди. Одатдаги зиёфатдан сўнг, онаси Лутфинисо билан ёлғиз қолиб, ивир-шивир гаплаша бошлади. Лутфинисо одатдагича, ҳарсиллаб, нафаси бўғилиб, келинларидан шикоят қилди. Уйда ва қариндош-уруғларникида бўлиб ўтган ҳар хил майда гапларни, ғийбатларни ва келинларига қарши хаста кўкрагида йиғилган гина-кудуратни эзмалик билан, бирон сўзни унутмай, бирон сўзни ямламай, қизининг олдига тўкди. Ёшликдан бошлаб шундай ивир-шивир—ҳасратлашишни, ҳар хил ғийбат ва чақимчиликни яхши кўрган Нури, сира зерикмасдан аксинча, ҳузурланиб тинглади. Дам кулди, дам газабланди, дам онасига йўл-йўриқ кўрсатди. Ниҳоят, гапира-гапира қақраган лабларини тили билан ялаб, Лутфинисо жим бўлди. Кейин «ғийбат китобини» беками-кўст қилиб қизи ўқиди. Гулнор тўғрисида сўзлаган-да, товушига сирли оҳанг берди, ғаниматни қизғанган олақарғадай, атрофга олақароқ кўз югуртиб деди:
— Гулсум опа ўлгур йўқ экан, айтадиган гапларим бор эди. Ойи, сиз бу ерда ўтирасиз, ён-бағрингизда қанақа ишлар бўлиб турганнни билмайсиз!—Лутфинисо қулоғини тиккайтирди, «а!» деб Нурига яна яқинлашди.— Жувонмарг Гулнор ғирт бузуқ экан-ку!
— Нима дейсан, нима?—Лутфинисо кўзларининг оқини ўйнатиб, лабини ялаб қизига тикилди.
— Гулнор бузилипти, яна ҳалиги сирли товуш билан давом этди Нури,— Йўлчи билан иккови мана мундоқ эмиш!— Нури икки бармоғини бир-бирига маҳкам чирмаштириб кўрсатди, сўнг яна давом этди,— иккиси ошуқ-маъшуқ... манга қолса, айб Йўлчида эмас, айб Гулнор шайтонда. Қиз қучоғини очса, йигит йўқ дейдими? Вой Гулнорнинғ шайтонлиги-е!
Лутфинисо: «Вой жувон ўлур!» деб лабини тишлади. У қизининг сўзларига ишончи тўла бўлганидан, ким айтди, қаердан билдинг ва ҳоказо саволларни сўрашга ҳожат топмади. Шамол теккан оловдек ловиллаб кетди.
— Вой, шарманда ўлсин! Туғиб қўйса-я?1—Лутфинисо бетоқат бўлиб бошини чайқади.
Нури бунга сира ишонмаса ҳам, лекин «сукут аломати ризо» деган каби индамади. Нафаси қисилишига қарамай, онаси давом этди:
— Ишқилиб бўйида бўлмаган бўлсин. Вой қиз ўлгур, бало экан, ичидан пишган экан. Афтига қарасанг, шундоқ мопора, ақлли-ҳушли қизга ўхшаб кўринади...
— Ойи, шунақаларнинг кўпи бузуқ чиқади, шунақаларнинг кўксини шайтон эгаллаган бўлади,— деди Нури.
— Гапинг тўғри, қизим. Сан бир қоп ёнғоқдай шалдир-шулдур эдинг, опанг ҳам шўх, қақилдоққина эди. Мана икковларинг, худога шукур, қоғозга ўралган қантдай топ-тоза бўлиб етишдинглар. Кўзларинг эркак бетини кўрмади. Сизлар ҳур қиз экансизлар... Ҳа, Гулнорнинг таги паст-да. Отаси ким? Онаси ким? Малай, чўри... Зотига тортади, зоти паст. Энди Гулсумни чақиртириб, қулоғига шипшитаман. Ҳозирча Ёрмат билмай қўя қолсин... Қизингни тездан бир мусофир-мужофирга узат, ўз тенгингни топ дейман,— деди Лутфинисо.
Нури бир оз ўйлади, онасининг ҳовлиқмалигини ва бу сирни эркакка ҳам, аёлга ҳам ёйишга тайёрлигидан чўчиди, агар ўз дадаси ва акалари эшитса, улар Йўлчининг шалоқ йигит эканига ишонадилар, ҳайдайдилар; кейин Йўлчини хизматкорликка ола билмайди у, Йўлчига етишув ўрнига, ундан мангу айрилади. Сири очилган Йўлчи ундан — Нуридан ғазабланиши ва унинг ўзини шарманда қилиши мумкин... Мана шу мулоҳазалар орқасида у бир оз бўшашди.
— Ойи,— онасининг тиззасини туртиб деди,— тағин дадамга, акаларимга гапирманг бу сирни. Келинойиларим ҳам зинҳор эшитмасин. Ҳар қанча гап бўлса, Гулсум опанинг ўзига айтинг, тузукми?
— Шошма, Нури,— сабрсизланиб шивирлади онаси,— Гулнорни Йўлчига беришса бўлмасмикан? Барибир иккови ўйнашиб қўйипти. Расми қиз бузилса, уни ўз ўйнашига беришади.
Нури бу нарсани сира ўйламаган ва онасидан бундай таклифни асло кутмаган эди. Шунииг учун кутмаган ҳол қаршисида бир оз довдираб қолди, кейин эътироз қилди.
— Бўлмағур гапларни оғизга олманг. Йўлчи бизникига ишлагани келган, ишласин. Пули йўқ, жойи йўқ, ҳам ўзи ёш ҳали, хотинни нима қилади? Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Йўлчи беш-ўн йилдан кейин ўз қишлоғида, онасининг бағрида уйлансин. Бу тўғрида зинҳор оғиз очманг!— Нури қатъият билан қўлини силкиди ва давом этди сўзида:—Ким билади, Йўлчибойни хизматкорликка бизлар оламизми. Бир вақт куёвингиз палон хизматкорларинг жуда яхши йигит экан, у йигитни манга бера қолсинлар, деган эди.
— Ман шу иккала шум бирга бўлсин деган эдим. Гапинг тўғри; даданг ҳам хизматкорнинг уйланишини сира ёқтирмайди. Гулнор бузуқ қиз бўлса, кўзимиздан узоқроқ жойга йўқолгани яхши. Ўзига яраша биронта ялангоёқ топилар,— деди-да, Лутфинисо белини ушлаб, инграб ва ҳар қадамда «тавба-тавба!» дея таҳорат қилгани кетди.

III

Гулнор икки ҳафтадан буён дадаси ва онаси билан бирга ҳар кун боғда ишлайди. Улар бутун боғ ишини ўз кучлари билан бажариб, хўжайинлари кўчиб келишигача ҳамма ёқни жаннатдай яшнатишлари лозим...
Боғ гўзал. Унда қуёш ва енгил шамолнинг, гуллар ва майсаларнинг қувноқ ўйини кун бўйи давом этади. Боғнинг ҳар бурчагида ўзга бир латофат; ариқларда сув кумушланади, майсалардан уқа тутган ҳовуз сув билан эмас, нур билан тўлган каби жимир-жимир мавжланади. Бир ёқда мевали дарахтлар — туташ ҳаво гулзори ясайди. Боғнинг қуйи томонида бир чизиқда саф тортган баланд, адл тераклар...Улар ҳар вақт майин титрайди. Қушлар куйлайди, ариқларда сувлар, дарахтларда барглар куйлайди. Улар билан бирга боғ ичида Гулнор ҳам куйлайди. Қиз ўз овозини бошқаларга узоқдан эшиттириши ҳам гуноҳ... У секин куйлайди. Дадаси ва онаси бўлса эди бунга ҳам жасорат қилмаган бўлар эди. Лекин, у ҳозир танҳо. Онаси шаҳарга — бойникига тушиб кетган. Дадаси эса, иши жуда зарур бўлгани учун, қизни ноилож ёлғиз қолдириб, арава қўшиб бир ёққа жўнади.
Гулнор очилган токларни ишкомга кўтариб тол пўстлоғи билан маҳкамлаб боғлайди. Унинг кўнгли шод, кўксида ҳасрат эмас, ёрқин умидлар ёнади.
Ногоҳ катта дарвоза томондан таниш товуш янгради:
— Ёрмат ака!
Гулнорнинг юраги тўлқинланиб кетди, бир зум энтикди. Сўнг паришон сочларини шамолда тўзғитиб югурди. Лекин бойнинг қўрғони орқали ўтиб, дарвоза томон чопар экан, от етаклаб дарвозадан кираётган Йўлчини кўриб қолди. Қиз дарров чекилиб, қўрғон эшиги орқасига ўзини олди, эшикнинг бир қанотини қия очиб, қизил гул ғунчасидай лабларидаги табассум билан Йўлчига қаради. Йигит эшикдан бир неча одим нарида, отнинг бошини силаб турар эди. Улар кўзлари билан илиқ, самимий саломлашишди.
— Ёрмат ака қаёқда?—шубҳаланиб сўради Йўлчи.
— Дадам арава қўшиб бир ёққа кетди. Токларга поя келтирса керак,— кейин нозли кулиб қўйди Гулнор.— Сиз қаердан? Жим бўлиб кетдингиз?
— Мен «катта ердан»,— кўзларини қиздан узмай, қандайдир ички ҳаяжон билан гапирди Йўлчи,— иш кўп. Хўжайинлардан ҳар кун буйруқ келади: ундай қилинглар, бундай қилинглар... Лекин, ўзим у ерда бўлсам ҳам кўнглим, хаёлим бу ерда, ана шу боғда... Овозингизни эшитиш умиди билан атайлаб келган эдим. Бахтимга ўзингизни ҳам кўрдим.
Гулнор уялган каби, табассум билан бошини қуйи солди.
— Атайлаб келмагансиз, ишингиз бордир,— деди қиз секингина.
Йўлчи кулди ва қиз томон яқинлашди.
— Рост, сиз учун келдим. Одамларга кетмон олиб боришни баҳона қилдим. Кетмон етишмай турибди ҳозир: Ёрмат аканинг кетмонини олиб кетаман-да.
— Олиб чиқайми?—Гулнор кўзларини табассум билан сузди Йўлчига.
— Майли.
Йўлчи қуёш ва дала шамоли билан бир оз қорайган. Аммо бундан унинг йигитлик ҳусни яна кучлироқ барқ урган эди. Ҳозир Гулнор учун қаршисида турган йигит арслонга чанг сола билажак бир қудрат ва жасоратга эга кўринди. Шу билан баравар қиз унинг кўзларида самимий меҳр, қандайдир нозиклик ҳам кўрди.
Йўлчи қизнинг қўлидан кетмон оларкан, бир қўли билан унинг билагидан секингина тутди. Юрагида сезгилари тошганлиги ва айтиб битиролмас, сўзга сиғмас фикрлари, ҳислари борлигини кўрсатувчи бир вазиятда Гулнорга тикилиб қолди. Сўнг, кенг ва мард юзини бирдан илиқ кулги қоплади:
— У кунги гап-а? — деди.
Гулнор чиройли ва эрка табассум билан, хўп дегандай, бошини қимирлатди, кейин: «албатта!» деб сўз билан таъкидлади. Ниҳоят, уларнинг лаблари беихтиёр бирлашди, қонларида, томирларида баҳор қуёши эригандай бўлди... Йўлчи отни елдириб тепаликда кетаркан, орқада қолган пастликдаги боққа беихтиёр қаради. Яшнаган боғ ичидан кўзлари Гулнорни топди. Қуёш нурида узоқдан қордай порлоқ кўринган оқ кўйлаги, товланиб ёнган, нурланган сочларини шамол юмшоққина хилпиратар, гуллар, яшилликлар орасида унинг адл— келишган қомати, шаффоф бир хаёл каби, гоҳ ялт этиб кўринар, гоҳ ўчар эди. Гулбоғчадаги у пари кўздан ғойиб бўлгунча, отни секин юргизиб, кўксидаги чексиз шодлик билан қаноатланган, ширин ўйларга ботган ҳолда кетди.
Гулнор, кутилмаган чоғда кетмон олиб кетиш баҳонаси билан келган Йўлчини кўрганлигидан севинди, юрагига сиғмай, севикли йигитнинг хаёли билан завқланиб, анча иш қилиб қўйди. Чой қайнатиб ичишнида унутди. Кечга яқин, дадаси қайтгач, қўрғонга кирди, ҳар кунги каби қора шўрва учун олов ёқди. Овқат пишар олдида онаси ҳам шаҳардан етиб келди. Лекин, унинг ранги касал одам каби дардли, ўчиқ ва кўзларида ғазаб ёнар эди.
Гулнор шу ёшгача ҳеч вақт онасини бу кайфиятда кўрмаган эди.
— Нима бўлди, ойи, бетобмисиз? — қўрқа-писа сўради Гулнор.
Гулсумбиби индамади, ёлғиз золим кўзлари билан ўқрайди-да, айвоннинг бир чеккасида, касал каби чўзилиб ётди.
Гулнорнинг қўл-оёқлари бўшашди, ўчоқ ёнида чўққайиб, узоқ ўйлади. Аммо, онадаги бу ўзгаришнинг сирини сира тополмади.
Боғ ичидан Ёрмат чиқди. Хўжайинлар тўғрисида хотинига саволлар берди. Лекин, тўла-тўкис жавоб олмагани учун Гулсумбибига анча-мунча қўланса сўзлар, сўкишлар ёғдирди, Зир-зир қалтираган Гулнор шўрвани нари-бери сузиб келди. Гулсумбиби бир қошиқ ҳам ичмади. Гулнорнинг ҳам иштаҳаси кесилди, икки-уч қошиқ шўрва ҳалқумидан базўр ўтди. Ёрмат товоққа қаттиқ нонни кўп тўғраб, иштаҳа билан еди, ичди, ўз товоғини бўшатиб, хотинининг товоғини ҳам ўз олдига сурди:
— Ит феъл, бадбахт! Қош-қовоғидан нақ қор ёғади,—ўзича валдирайверди Ёрмат.
— Ойим чарчагандир, сўкишингиз ортиқча,—деди
— Катта ойим шаҳарда қўшга қўшиптими бу аблаҳни?! Чарчаганмиш, ўлиб кет!—Гулсумбибига, қизига ўқрайиб вайсади Ёрмат.
Гулсумбиби ўликдай чўзилиб ётаверди. Намозшомдан кейин, уйқуси келмаса-да, Гулнор ўринга кирди, кўрпага бурканиб пиқ-пиқ йиғлади.
Қиз эрталаб туриб, дарров онасига разм солди. Унинг юзида кечагидан қўрқинчлироқ ғазаб сезди. Онасивинг кўзидан тезроқ қочиш учун у ариққа бориб, апир-шапир бет-қўлини ювди, рўмолининг бир учи билан артиниб, боғда ишлашга югурар экан, Гулсумбиби қайтарди.
— Шошма, даданг йўқлигида сан ўлгур билан гаплашиб олай, юрак-бағримни заҳарладинг!— ўрнидан туриб, илдамлик билан қўрғон эшигини занжирлади Гулсумбиби.
Ҳеч нима билмаган, тушунмаган Гулнорнинг ранги ўчди, ховли ўртасида тошдай қотди. Гулсумбиби унинг қўлидан судраб, айвонга келтирди.
— Боланг неча ойлик бўлди, ер ютгур?!—бўғилиб сўради ва қизни бир тепди.
— А, нима гап? Уялмайсизми?!—Гулнор бошини устунга уриб қичқирди.
— Секин гапир, секин... шарманда қилдинг, бошимни ерга букдинг, сан жувонмарг! Ёшлигингда ўлиб кетсанг эди, бундай гапларни эшитмаган бўлар эдим. Айт, қачондан буён ўйнашасан... Тиғпарронга учрагур Йўлчи билан қачон топишдинг?— Гулсумбиби қизини оёқ остига олиб, унинг баданини омбир билан чўзиб тортгандай, чимчилаб, уза бошлади. Лекин ҳозир Гулнорнинг бутун гавдасини парчалаб ташласалар ҳам, оғриқ сезмаган бўлар эди.
— Бу қандай туҳмат! Жонимни ол, худо, сандан бошқа кимим бор, ўз онам шундай туҳмат қилса!— ўзини уриб ҳўнгради киз.
— Нимаси туҳмат!—Гулсумбиби Гулнорнинг қулоқларини чўзиб тортди.— Сан ўзинг Нурига айтибсан, Нури онасига айтибди, ҳаммасини эшитдим, эсимдан оғаёздим. Шаҳардан бу ерга қандай етиб келганимни билмайман.
Туҳматчининг номини эшитган хамон, Гулнор сачраб ўрнида турди, ғазаб, изтироб билан қақшаб гапирди:
— Ёлғон! Ёлғон! Нури ўзи бузуқ. Ман унга хич нима деган эмасман, ойижон, ман тоза, ойижон, ман тоза... Ақлим бор, номусим бор. Нуридай бетайин, беномус эмасман.— Гулнор чидамасдан яна ўзини ерга ташлади.
Гулсумбиби юмшамади:
— Тўғрисини айт, барибир ўласан. Дадангга айтаман, у аввал санинг каллангни олади, кейин Йўлчининг калласини олади... Уздираман каллаларингни! Жилла бўлмаса ўлим олдида бир оғиз тўғри сўзингни манга айт.
Ўз тозалигини қандай исбот қилишни билмаган, онасини ишонтиришдан ожиз Гулнор, кўз ёшлари билан ҳўл бўлган юзларини кир, чанг наматга суриб йиғлаб ётди. Фақат баъзан йиғи аралаш:
— Ёлғон, ёлғон!—дерди.
Севикли қизи, ёлғиз Гулнорининг тупроққа қоришиб ётганини кўрган она, бир қадар бўшашиб, йиғлай-йиғлай сўради:
— Ёлғонми? Ман қандай ишонаман? Гулнор бошини кўтарди, титраб гапирди:
— Мусулмонмисиз? Ман мусулмон. Қуръон беринг, юзимни қўйиб онт ичаман. Кейин мани ўлдиринглар. майли, худонинг олдига ман оқ юз билан бораман. Ишонсангиз — хўп, ишонмасангиз, гуноҳсизлигимни кейин биларсиз,— онасини қучоқлаб ялинди қиз.
Гулсумбиби қизини нари итарди, чуқур «уҳ» тортиб, ўзини ташлади, пешанасига уриб йиғлади: «Кошки ўлсам! Кошки ажал кела қолса!.. Куйдирдинг, нега тутдим сани? Йўлчибой ўлгурни яхши дейишарди, ўзим ҳам яхши кўрардим. Кирини ювдим, ямоғини ямадим. Мана, нима қилди ахири йигит ўлгур».
Гулнор сачраб онасининг олдига келди, йиғидан шишган, қизарган кўзларини қаттиқ тикди.
— Йўлчида нима гуноҳ? Уялинг. У яхши йигит. Ман уни севаман. Бу рост. Қолган гапларнинг бари ёлғон, бари туҳмат!
— А, севаман? Бу ёмон гапни қаердан ўргандинг? Бу нарса бузилганинг эмасми?—Гулсумбибининг ғазаби яна тошиб кетди. Гулнор энди тап тортмади. Соф номусига отилган қорани бутунлай ювиб ташлашга жазм қилди.
— Ойи,— деди у кўз ёшларини тўкиб,— ишонинг, ман тоза, ман соғ!.. Ишонмайсизми, юринг Нурига борамиз, катта ойимга йўлиқамиз. Нури ман билан гаплашсин. Ман унга нима дебман, у қаердан билипти, юзимга солсин. Хўжайинлиги ўзига. Мани, сизни, дадамни қул қилиб ишлатсин, яна бу етмагандай, номимизни булғасин!
Гулнор жаҳл билан онасининг қўлидан тортди, қучоқлаб сургади.
— Юринг, борамиз! Ман чидамайман бу туҳматга. Ойи, улардан қўрқманг, майли, бизни ҳайдаб юборишсин. Очликдан ўлмасмиз, қийинчиликка кўникканмиз. Уларсиз ҳам тирикчилигимиз ўтар... Бормайсизми, қўрқасизми? Ман ўзим бораман, Нурини шарманда қиламан. Туҳмат билан эмас, рост гап билан шарманда қиламан!
Гулнор маҳсини топиб, шошиб-пишиб киймоққа бошлади. Гулсумбиби югуриб, унинг қўлларини маҳкам ушлади:
— Эс-ҳушингни йиғ, унақа енгил бўлма!
— Йўқ, қандай чидайман туҳматга!—қичқирди Гулнор
— Ҳалиги гаплар ёлғонми? Орада Ҳеч нарса... бўлган эмасми?—сўради юмшоқланиб она...
Гулнор онасини қучоқлади ва чуқур изтироб ичида сўзлади:
— Ойи, нима қилай, сўзимга ишонмасангиз пичоқ билан кўксимни ёриб кўрсатайми? Нима дейсиз, айтинг? Нега ўшаларники тўғри бўлади-ку, ман ёлғон гапирган бўламан!
Гулсимбиби қизининг бошини силади, йиғлаб гапирди:
— Қўй, қизим, Нури туҳмат қилган бўлса, худога солдим. Ўзи бир кун жазосини тортар, бир кун изза бўлар. Шов-шув кўтарма. Даданг хабардор бўлиб қолса, яхши бўлмайди. Ман ўзим яқин ўртада шаҳарга тушиб, катта ойимга гапираман. Нурини ҳам уялтираман.
Гулсумбиби қизи Гулнорни рўпарасига ўтқазди, маҳсини ечтирди, бир оз дам олиб, кейин ишга чиқишга буюрди-да, ўзи боғ томонга юрди, бир неча қадам қўйиб, яна орқасига қаради, танбеҳловчи товуш билан қизига деди:
— Бундан кейин Йўлчи номини оғзингга олма, уқтингми?
Гулнор ҳеч нима демади, фақат, чуқур, ёниқ ғам билан: «уф!» деди.

САККИЗИНЧИ БОБ

I

Йўлчи ёзда ёниб чанг-тупроқ ялаб, қишда қор-муз кечиб, бутун маҳрумиятларга, бутун оғирликларга қарамасдан, жонкашлик билан ишлади. У ер ҳайдади, чопиқ чопди, сув сурди, далага гўнг ташиди, шаҳарга пахта ташиди, дўконларга газлама ташиди, извош ҳайдади... Вақт-соат, жума, байрам, ҳайит нима эканини билмасдан ишлади. Машаққатлар, қийинликлар ичида яшаса ҳам, маҳрумият тўла фақир ҳаётини безайдиган бир ёрқин умид, бир гўзал хаёлга у эга эди: Гулнор...
Йўлчи мана шу қизнинг муҳаббати билан Мирзакаримбойнинг эшигида учинчи қишни кечирмоқда.
Бир вақтлар Нурининг ўртага отган туҳмати орқасида Гулсумбиби эри Ёрматдан яшириқ қизнинг феъл-атворини, юриш-туришини очиқ ва бекитгич равишда узоқ таъқиб этди. Ўз сирларини Йўлчи томондан очилиши мумкин деб, қўрққанлигидан бўлса керак, Нури бу туҳматни тарқатишга, янгилашга ортиқча уринмади, лекин Йўлчига, Гулнорга қарши кучли адоват сақлади.
Юрагида Йўлчидан ўзга бир фикр ва туйғуга ўрин бермаган Гулнор, ўз севгисини ҳаммадан яшира-яшира ҳозир ўн саккиз ёшини кечириб туради. У ҳар бир мусулмон қизи каби, ўйин-кулгидан, сарбаст овоз чиқаришдан маҳрум, ота-она, таниш ва бегона, эркак-аёл—ҳамманинг олдида соқов бўлишга мажбур эса-да, лекин юрагида муҳаббат тўлқинланиб, баъзан унга куч ва жасорат беради. Шундай пайтларда,— лекин жуда сийрак, — у қўрқа-писа инидан чиқади. Ота-она ва бошқаларнинг кўзларидан узоқроқ бир фурсатни топиб, Йўлчи билан учрашув бахтига эришади. Икки севувчи қалбнинг тоза туйғуларини мавжга солган бундай учрашув сўзлар, имолар ва ишқ нури билан порлаган кўзларнинг жилваси билан ўтган икки-уч минутли суҳбат—Гулнор учун кўнгилни ойларча иситган хаёл ва умидларни қуёш каби порлатган бир улуғ бахт бўлади.
Ёрмат бир йилдан буён қизини муносиб жойга узатишга тиришади. Лекин бу масалани ҳал қилишда у масъулиятини, оталикни ўзидан кўра кўпроқ Мирзакаримбойга топширгани учун бу тўғрида жадал қилмайди. Лекин, бу йил қиш қизни, албатта, узатишга қарор қилиб, «ожизасининг тўйи» хусусида Мирзакаримбойга бир неча марта сўзлади. Аммо, Мирзакаримбой ҳар хил жавоб берди. Бир гал:— «Қўя тур-чи, ёв келдими. Ёлғиз қизинг, вақти-соати келганда узатарсан...» деди. Иккинчи гал: «Куёв танлаш керак. Бойми, бечорами, ишқилиб рўзғор машаққатини елкасидан узмайдиган бир одам бўлса, тўйни бошлармиз, сабр қил!» деди. Лекин бу йил куз фаслида Мирзакаримбойнинг хотини Лутфинисо тўсатдан — қалб хасталигидан бўлса керак — бир кечада вафот этди. Лутфинисо каби қадрдон бекасининг ўлимига куйган Ёрмат, тўйни тезроқ ўтказиш хусусида оғиз очмай қўйди. У энди иложи бўлса, муносиб кишига Гулнорни ҳозирдан унаштириб, фотиҳа ўқиб, тўй-никоҳни баҳорга яқин ўтказмоқчи...

ТУҚҚИЗИНЧИ БОБ

I

Меҳмонхоналаридан бирида Мирзакаримбой ўз гумаштасидан ҳисоб олар эди. Гумашта Маҳамад Расул қирқ ёшга етиб қолган, мутавозе, мулланамо киши эди. Кўп йиллардан буён бир кўп бойларнинг қўлида хизмат қилган. Маҳамад Расул ўтган йил Мирзакаримбойнинг диққатини жалб қилиб, унинг Авлиёотадаги газлама дўконига, бошқа бир гумашта ўрнига тайин қилинган эди. Бир йил муддатида у Тошкентга иккинчи марта келиб, ҳозир хўжайин олдида тиз чўкиб, уйнинг совуқлигига қарамай, терлаб-қизариб ўтирар эди.
Маҳамад Расул ўз ишида кўпгина тажриба орттирган киши бўлгани учун, бойларга ҳисоб берганда, унчалик довдирамас эди. Аммо муғамбир Мирзакаримбойнинг қаршисида у роса эсанкирай бошлади. Авлиёотадан чиқиш олдида бир кеча мижжа қоқмай, чўт қоқиб, «боз мунча, боз унча» деган ёзувлар билан тўлган дафтарларнинг мазмунини қайта-қайта ҳисобга олиб, хотиржамлик билан йўлга чиққан бўлса ҳам, ҳозир у саноқларни хўжайин, кўкнори хаёли каби, пучакка чиқаришга уринди. Бойнинг илк сўзлариёқ уни мажолсизлантирган эди. Маҳамад Расул камол ҳурмат билан хўжайиннинг қўлини сиқиб кўрпачага чўккалаган ҳамона шундай сўзни эшитди:
— Нимага бевақт, бесўроқ қайтдингиз?— бой жавоб кутмай, сўзини устма-уст ағдараверди,— мен ҳали сизни кутганим йўқ эди. Бундан беш-олти ой илгари йўқладим — келдингиз, гаплашдик. Лозим бўлса, яна бир энлик хат ёзиб, ё сим қоқиб билдирар эдим. Иш бундай бўлади! Бўзчининг мокисидек, Авлиёота билан Тошкент орасида йўрғалашдан нима фойда? Бундан кейин гапларимни уқиб олинг, модомики, мен билан биргасиз, менинг одамимсиз, ҳар бир ишни мен билан баҳамжиҳат қилинг, ўзбилармонликни кўтармайман...
Бой сўзидан тўхтагач, Маҳамад Расул бошини кўтармасдан, қўлларини қовуштирган ҳолда, келиш сабабини тушунтира бошлади:
— Бой ота, бу ерда андак англашилмовчилик борга ўхшайди. Мени аввало инимиз Салимжон чақиртирган эдилар, ўзларидан сўрасалар бўлади. Ҳам худо берган бир ўғил, бир қизим бор Уларни нотоб деб эшитдим... Мусофирчилик қийин, бола-чақани соғинади киши. Бу тўғриларни мулоҳаза қилиб ҳам инимиз Салимжоннинг раъйиларига қараб, йўлга чиқа қолдим...
— Бе! Салимжон ким у? Ўғлимми? У нимани билади? Кўзим тирик—мен билан муомала қиласиз. Бола-чақани соғиндим деб дўконни ёпиш ишми? Тошкентга келишнинг ўзи бўлмайди, йўл харажати, бола-чақага совға-салом деган нарсалар ҳам бўлади... хўп, келибсиз, икки шингил гаплашайлик-чи. Хоҳласангиз мана чўт.— Бой токчадан чўтни олиб Маҳамад Расул олдига сурди.— Бизга бирибир, чўтсиз ҳам ҳисоблай берамиз.
Маҳамад Расул ўз ичида: «бу кун бой чап ёни билан турган шекилли» деб, анча вақтгача калласини осилтириб ўтирди. Кейин қўли билан пешанасини сиқди-да, ҳисоб беришга бошлади, у қўрқа-писа гапирди, қалтираган бармоқлари билан чўт қоқди. Истеҳзоли кулги, айёр боқиш билан қараб, пул масаласида тийинни, савдо ишида икир-чикирни ҳам диққатидан қочирмай, ҳар минут сайин луқма ташлаган бой ҳузурида ҳисоби, маърузаси ўзи ўйлаб қўйганча, у қадар силлиқ ва қулай чиқмаса-да, лекин натижанинг тўғри, қатъий экани Маҳамад Расулга маълум эди. У ниҳоят, ҳисобни битирди, самимиятни изҳор этган бир боқиш билан бойга тикилди ва камтаринлик билан деди:
— Мана, бой ота, ишнинг кетиши шундай. Менимча, чакки бўлмаса керак.
Хўжайин соқолини бир нафас ҳовучига олиб туриб, кинояли жилмайди.
— Чакки эмас! Бундақанги ишни биз чакки деймиз. Айта қолинг, Авлиёота — қозоқ юрти, норинхўрликка кўпроқ берилганга ўхшайсиз-а? Мен шартта айта бераман, иним Маҳамад Расул. Мен дўкон қилсам, уни молим билан тўлдирсам, фойдаси учун қиламан. Сичқон тешган супрадан ун тўкилаверади. Сизники шундай бўлган; тўғри, сиз ҳаммасини кўрсатдингиз, лекин менинг ҳам ҳисобим бор, меники ҳар вақт аниқ бўлади. Сизга маълумки, гумашталарим ҳар ерга таралган. Чинозда, Қўқонда, Чимкентда... Мен уларнинг бетларини кўрай-кўрмай, лекин ҳар бирининг иши менга аён. Ҳар вақт билиб тураман, ҳеч нимани яшира олмайдилар.
Бойнинг сўзлари ноҳақ бўлса ҳам, Маҳамад Расул кўзларини қаёққа яширишни билмай хижолатда қолди. У ўз оиласидан узоқда қолиб, бойнинг пулини кўпайтириш, ундан туртки емаслик учун жонкашлик қилди, ўзига кийим-бош қилмай исқирт бўлиб яшади, овқатини сиқди, ҳар кун кечқурун дўкон олдида кичкина декча қайнатиб, бир товоқ хўрда ошга қаноатланганидан, дўкондорлар орасида у сал кундаёқ «хўрда махсум» деб лақабланди. Бунга қарамай, бой уни норинхўрликда айблади. Маҳамад Расул ўз умрида бойларнинг туҳматини кўп эшитган бўлса-да, Мирзакаримбойнинг бу туҳмати унинг юрагига найзадай санчилди. У хўжайинни инсоф ва адолатга даъват қилмоқчи экан, шу пайтда бой туманли дераза орқасида турган бировга ҳайрон бўлиб қаради ва имлади.
У киши эшикни очди, ичкарига қадам қўйишга уялди шекилли, остонада тўхтади. Унинг кийимлари жуда эски ва тупроққа ағнаган каби, чанг-чунг эди. Лекин ўзи қишлоқча содда, долиғули йигит кўринди. Мирзакаримбой шубҳа билан боқиб сўради:
— Келинг, кимни йўқлаб келдингиз бу ерга?
У Йўлчининг ҳамқишлоғи экани, Йўлчига хат келтирганини ғулдираб сўзлади-да, белбоғи орасидан хатни олиб, бойнинг олдига ташлади ва эшикни зарб билан ёпиб, чиқиб кетди. Чой қоғозга ёзилиб, тўрт букланган хатни бой очди. Токчадан кўзойнакни олиб тақди, қоғозни деразага мойил тутиб, кўз югуртирди... Сўнг, бир нафас хомуш бўлиб, ўз ичида бир нима шивирлади. Хатни курси устидаги қуруқ патнис тагига қистирди, Маҳамад Расул хўжайиннинг кайфи ўзгаргани учун, ўйлаган эътирозини айтишга ботинмай турди. Икки-уч минутли сукутни бой бузди, яна аввалги йўсинда, лекин оҳистароқ гапира бошлади:
— Маҳамад Расул, мен бировга эт, мой ва бошқа масаллиқни бериб, ширин шўрва тайёрлашни буюраман. У киши шўрвани пиширади, лекин мойни сузиб ичади, гўштини ейди, менга тақир суяк билан бир коса жирсиз сув келтиради... Тушундингизми? Бу қалай бўлади? Мулоҳаза қилинг!
Бой чол Маҳамад Расулни эзгани ҳам ўз «донишманд»лигига хурсанд бўлгани учун, соқолини силкиб кулди, бир оздан сўнг яна кибрли жиддият билан ўшшайди
Маҳамад Расул бу сўзларни ўзи учун бўҳтон, ҳақорат деб билганидан, қанча камтарин, тавозели бўлмасин, чидай олмади.
— Бой ота,— бошини кўтариб гапирди у,— сизга ва сизнинг каби боёнларимизга қул сингари хизмат қилган бир ожиз бандани бу қадар туҳматга лойиқ кўрмасангиз эди.— Маҳамад Расул овозидаги шикоятни яна кучайтирди.— Шўрванинг эти, мойи, суви — бари сизники бўлди-ку. Яна нима дейсиз? Мен ҳалол ишладим, заррача хиёнат қилмадим. Мана жами ишни кўрсатдим. Шартнома мазмунига қараганда, сизнинг гарданингизга тушадиган бир кўп чиқимларни мен ўз зиммамга олдим. Менимча, тижорат пайдо бўлган замондан бошлаб, бундай мўл фойдани ҳеч ким кўрган эмас. Бу қандай гап ахир, саккиз-тўққиз ҳисса фойда бўлиб кетди.
Мирзакаримбой яна ўшшайиб тикилди, аммо маслаҳатгўйлик билан аста гапирди:
— Фойда иним, ўн-ўн беш ҳисса бўлиши керак эди. Биласизми, замон қандай? Уруш замони! Газламанинг қадри жуда ошиб кетди. Эрталабки нарх кечга тўғри келмайди...
— Авлиёотада туриб қулоғимиз ҳар кун янги нарх қидиради,— деди Маҳамад Расул.
— Шундай бўлиши керак. Нарх-наво ҳар кун том бўйи сакраб турипти. Оёқни нечоғлиқ тиранг, оқподшоҳнинг уруши битгунча нарх ошаверади. Мен ҳозир газламани кўплаб сотишни тўхтатдим. Бу кунги фойда гўшт бўлса, эртасига нуқул мой бўлиши аниқ, нақд пулга мол чаққон бўлган замонда, сиз анча молни насияга сотибсиз. Бунга аччиғим чиқмасинми? Энди гап шу: оёқни қаттиқ тиранг. Қозоқлардан насияни тезроқ ундиринг, дурустми? Қозоқлар пул билан тўлолмаса, буғдой олаверинг. Иним, гапларим сизга қаттиқроқ теккан бўлса мендан хафа бўлманг. Мен фойдали нарсани сўзладим. Хўп, эртага дўконга тушинг, яна гаплашармиз.
— Маъқул, маъқул бой ота, сояйи давлатингиз кам бўлмасин!—Маҳамад Расул қўл қовуштириб чиқиб кетди.

II

Йўлчи ўз дўсти Қоратой темирчи билан ҳангамалашиб ўтирар эди. Қоратой икки томондан очиқ, бўғотлари увадаланган, ички деворлари исдан, темир, кўмир учқунлари тўзонларидан қорайган ишхонада, «оловдон» ва босқон ёнида туриб, қизил чўғ бўлган темир парчасини болға билан гурс-гурс урар, яссилар, чўзар, қайирар эди. Унинг ўн уч яшар ўғли Холтой дам босиб кичик болға билан темирни уриб дадасига ёрдамлашарди. У ўттиз саккиз-қирқ яшар юмалоқ, катта бошли, билаклари йўғон, гавдаси этсиз, лекин пишиқ, суяклари бесўнақай, ёши ўтса-да, юрагида йигитлик ўти сўнмаган, шижоатли, ўз сўзли киши эди. Жумабой деган бир бўйдоқ укаси трамвай изини тозаловчи ишчи эди. Баъзи вақтларда у ҳам ишга ёрдамлашар эди.
Йўлчи чамаси икки йилдан бери бу темирчи билан яқин дўст бўлиб, унинг бутун сифатларини, фазилат ва камчиликларини яхши синаган эди. Аксар вақт, ишдан қутулгач, у билан вақт кечирар, қайғусини, севинчини унга очар эди.
Ҳозир муюшдаги чойхонадан дамлаб келтирилган чойни озгина-озгина қуйиб дам ўзи ичиб, дам Қоратойга узатиб, ҳар вақтдаги каби хангмалашиб ўтирарди.
Фақат болғаларнинг «тарақа-туруғи» жим бўлганда Йўлчи суҳбатга ўтди, ўз дардини баён қила бошлади. Шу бир-икки ой ичида Мирзакаримбой билан яхшилаб гаплашажагини, икки ярим йиллик меҳнат ҳақи қанча пул бўлганини тайинлаб, кейин Гулнорга уйланмоқ орзусини бирон киши орқали бойга билдириб, ўжар Ёрматни бой орқали кўндирмоқ умидида эканини сўзлади. Қоратой оғир меҳнат орқасида чуқур чизилган пешана чизиқларини силаб маслаҳат берди:
— Бу ишда бой ўртада турмаса, билиб қўй, полвон, бир нима чиқиши қийин. Наинки, хумса Ёрматинг баланд дорга осилади. Бу замонда кимнинг жин чақаси кўп бўлса одамлар ўшанга оғади. Жин чақа ҳамманинғ кармонига тупуриб, бойларнинг ҳамёнига ўзини уради. У ер иссиқроқ, бехавотироқмикан дейман.
— Пул камбағалнинг киссасидан қўрқади шекилли,— деди Йўлчи,— бу уруш айниқса бойларнинг бирини ўн қилди. Ҳар кун мол нархи ошади, бозорда савдогарларнинг қулоғи тиккайган. Битта-яримтаси ваҳималироқ бир гап эшитдими, дарров мол нархини оширадилар. Уруш баҳона бўлди уларга. Бизнинг хўжайин-чи? Иши тарақ!.. Омборларда чириб қолган молларини энди харидор кўзга суриб олади. Тушган пул—тегирмоннинг нови!
Қоратой болғани бир чеккага қўйиб шивирларди:
— Оқподшоҳнинг уруши бойларга ҳузур-ҳаловат келтирди, лекин фуқарони нон гадойи қилди. Манга ўхшаш тақачи-мақачи, косиб-мосиб-чи? Ҳушт!—Қоратой тишлари орасидан ғалати товуш чиқарди ва сўзини давом эттирди.— Нимага куласан? Ишимиз сира белини кўтаролмай қолди, ука. Ҳамма халқ очдан ўлмаслик учун бир амал-тақал қилиб турипти. Аммо,—Қоратой аланглаб, шивирлади,— оқподшоҳнинг таги пучга ўхшайди. Ўрис халқи урушдан норози, деб эшитаман. Ҳамма ерда аҳвол бир экан. Уруш бойларга ёқиб тушди, камбағални шилди,— темирчи энди қаддини кўтариб, овозини баланд қўйди.—Шу қишдан қолдирма, ўртага, албатта бой тоғангни қўй. У икки оғиз гапирса, Ёрмат «ғинг» дея олмайди...
— Гулнор мандан бошқани танимайди,—ғурур билан дўстига қараб гапирди Йўлчи,— лекин, у, албатта бир қиз: дадасининг ихтиёрига боғлиқ. Аммо хўжайин ўртага тушса, у вақт иш силлиқ бўлнб чиқса керак, дейман.
— Менимча,—Қоратой темирни сувга «жаз» босиб гапирди,— Мирзакаримбой чўчқа бойлардан бўлса ҳам, сенга ён босар. Ундан нима кетди? Икки оғиз сўз. Бир хизматчининг қизини ўз қариндошига, ўз эшигида ҳалол ишлаган йигитга олиб беради, яна ўз ҳамёнидан эмас, йигитнинг пешана тери билан топган ақчасига... Бу — бир. Ёрмат қизини бировга узатади, бундан бойга нима фойда? Сен Гулнорга уйлансанг, бу билан бойга яна кўпроқ боғланган бўласан. Бундан бойга фойда бор, шундай эмасми?—деди-да, Йўлчига қараб маъноли кулди.
— Гапнинг бу томонини қўяверинг йил эмас, ой эмас, унинг эшигида бир кун ҳам тургим йўқ... Иш битсин, кейин кўрамиз, насибамиз қаерда...
— Биламан, тушунаман, кишанга тобинг йўқ,— деди-да Қоратой кўзларини айёрча қисиб давом этди,— лекин ҳозирча ваъдани қуюқ қилавер бойга. Сен очиқ сўз, очиқ кўнгилсан. Бой — пишиқ, муғамбир одам. Сен ҳам пишиқ бўл. У шохида юрса, сен баргида юр. Шунда ютасан!
Йўлчи дўстининг сўзларига хахолаб кулди, маъқул дегандай қўлини чўзиб, унинг елкасини қоқди. Умидлар билан кўкси қаварган ҳолда лабларида бир қўшиқни шивирлаб хўжайинникига кетди.
Вақт намозгарга яқин. Кўча қатқалоқ. Маҳалла болалари, ўспирин йигитлар юнги ҳурпайган икки катта кучукни уриштирадилар, ғазабланган кучукларнинг вовиллаши, томошачиларнинг қийқириши кўкни қоплайди. Йўлчи ҳеч нимага назар солмай, одимларини катта ташлаб бораркан, Шокир ота учради, у бошига тушган қайғу ва фалокатлардан жуда мункиллаб қолган эди. Йўлчини кўриш билан:
— Ҳа ғувори, ҳали бир қишлоқинг сени қидириб юрганди, йўлиқдими?— деди.
Йўлчи ўз қишлоғидан келган одам билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўраша олмаганига афсусланди. Чунки кузнинг бошида онасига йигирма сўм юбориб, шундан буён ҳеч қандай хат, хабар олмаган, ўзи ҳам йўқлолмаган эди.
Ташқари ҳовлида таҳорат қилаётган бойдан ҳамқишлоғи тўғрисида сўради. Бой бет-қўлини артиб, «бу ёққа юр!» деб имлади. Унинг орқасидан Йўлчи меҳмонхонага кирди. Мирзакаримбой танчага ўтириб, қўлини пешанасига тираб бир минут сукут қилди, сўнг сўзни иимадан бошлашни билмай, соқолининг учини тишлаб деди.
— Сенга бир хат бор,— бой патнис тагидан хатни чиқарди,— лекин хушхабар келтирган эмас. Сен, албатта, оғир, ақлли йигитсан, Оллонинг ризосига бўйсунарсан...
— Қандай хабар экан, айтаверинг,— Йўлчининг қошлари, кўзлари савол ва шубҳани ифода қилди.
— Эй дунёйи бевафо!.. Онангдан айрилибсан, жиян! Йўлчи бутун гавдаси билан сесканиб, ёлғиз «а!» деган кескин товуш чиқарди... Сўзлашга тили қотди, юзи бўздай оқарди. Унинг бақувват, метин гавдаси, кўксига тўлган қайғуни кўтаришга ожиз каби эгилди букилди.
Мирзакаримбой Йўлчига далда бериш учун, Оллонинг ризосига бўйсуниш кераклигини, ўлим ҳар кимнинг бошида омонсиз қиличини тутиб турганлигини не-не пайғамбарлар, не-не азиз авлиёларни ўлим олиб кетганлиги ҳақида гапирди. Лекин бу сўзлар Йўлчининг қулоғига етмас эди. Унинг бутун вужуди абадий айрилиқ, онанинг ёди ва аччиқ изтироб билан лим тўлган эди.
Болаларининг бахти учун камбағал эр билан бирга ишлаб, тиниб-тинчимаган, ҳар қандай жафокорликка ўзини отган, меҳрибон, шафқатли она! У ўлим панжасида чирпанаркан, то сўнгги нафасигача меҳнат, машаққат, азоб ичида кечирган бу дунёдан кўзларини мангу юмганча, уни, Йўлчини эслагандир... Эсини танигандан бошлаб онаси билан кечирган замонлар масъуд, лекин қайтарилмас бир туш каби, Йўлчининг кўз олдидан бир-бир ўтади. Мана сўнгги хотира:
Икки ярим йил аввал меҳрибон она уни шаҳарга узатади. Кўз ёшларини қуйиб, қўл очиб дуо қилгандан сўнг, эшикка қадар узатиб қолмайди, бошига яктак ёпиниб сокин қишлоқ кўчасида унинг орқасидан юради, гўё унинг қалби ўғил билан бирга кетишга интилади, катта йўлгача кузатади, муҳаббат билан, кўз ёшлари билан... Йўлчининг онгида, ўтмиш манзаралари жонланар экан, қайғу кўкракни яна чуқурроқ эзади. Ниҳоят, оғир хўрсиниш билан бошини кўтарди::
— Қачон? Қачон — сўради. «Ўлди» деган сўзга тили бормади. .
— Чамаси бир ҳафта бўлипти. Сен энди. ҳар кун қуръон ўқиб, онангга бағишлайвер. Шу ўзи кифоя. Арвоҳга тиловат қурьон лозим.
Йўлчи ҳеч нима демади. Гиламда ётган хатни қўлида маҳкам сиқиб, ҳовлига чиқди, қайғулари тўлқинланиб, қалбини парчалади.... Йигит ўзини тутолмай, бирдан йиғлаб юборди, булут йиғлагандай кўз ёшларини кучли— мўл тоштириб йиғлади, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади...

III

Булутли қиш кунининг юракка зиқлик, берувчи хира тонги эди. Гулнор онаси билан бирга уйда танчада нонушта қилар, патнисда арпа унидан ёпилган сополдай нонбир кафт қуртлаган туршак... Кўмир йўқлигидан, тараша чўғи танчани бирпас бозиллатиб, сўнган эди, Гулнор эски чит гупписига ўралиб, нонни иштаҳасиз тишлар, мискарлар томонидан самовар тахлитида ясалган қумғондан чой қуяр эди.
Ёрмат кўчадан келди, елкасини қисиб танчага ўтирди. Нафасидан чиққан буғ билан ҳўлланган мўйлабини дағал бармоқлари билан силаб-артиб, чой ича бошлади.
— Совиб қолипти. Қиш куни чойни нечоғлиқ қайноқ ичсанг...—норозиланиб деди Ёрмат.
Гулсумбиби уйда қитдай ўтин, қитдай кўмир йўқлигини ва чойни қийнала-қийнала базўр қайнатганлигини сўзлади.
— Ҳар йил аҳвол шу. Ёзда тоғ-тоғ ўтин тайёрлайсиз, ҳузурини хўжайинлар кўради.
— Кўп валдирама, хўжайинга ялинсам, ўтинсиз қўймас. Худо ўлди-еттидан сақласин!—бир оз сукут қилиб, яна сўзлади:— Мана Йўлчини жўнатдик: хабарларинг йўқ шекилли...
— Қаёққа? Нимага?—кутилмаган бу дахшатли хабар орқасида Гулнорни бир онда титроқ босди.
— Энаси ўлипти,—деди Ёрмат,— кеча кечқурун хат келган экан. Ҳозир қишлоққа жўнатдик. Жадал юрса, кечаси алла-паллада бориб етади.
— Қари бўлса имонини берсин, ўлим ҳақ,— деди бепарво Гулсумбиби.
— Йўлчига қийин бўлди,— синовчи кўзлари билан қизига тикилди Ёрмат,— бир ўспирин укаси бор экан, бу ҳам бировда ишлар экан, ўзини эплаб кетади. Лекин ўн беш яшар бир синглиси... Ана у бечора нима қилади?
— Вой бечора!— деди Гулсумбиби бирдан.— Шўрлик қизга қийин бўлипти ҳаммадан. Она йўқ, бир ака бу ёқда, бир ака яна кишиникида ишларкан дейсиз. Ёш қиз, кўчада қодибди ҳисоб-да. Энди нима қилади Йўлчи?
— Билмадим, қишлоқда эрга бериб келадими, бу ерга олиб келадими. Менга ҳеч нима демади. Хўжайин бир маслаҳат бергандир...— деди Ёрмат.
Гулнор сўзга аралашмади. Йўлчига тушган қайғу унинг кўнглини бир онда мотам билан қоплади. Унинг ҳалқумини дард қисиб келди. У яна бир оз шу ерда қолса ҳўнграб йиғлашдан ўзини тийишга ожиз эканига ақли етди-да, секингина ҳовлига чиқди. Қуюқ, узун киприклари кўз ёши билан намланди. Қалб азобидан келган кўз ёшларни кошки у тўхтата билса!.. У югуриб ошхонага кирди. Қақир-қуқурни йиғиштиришни баҳона қилди. Бутун хаёли, борлиғи Йўлчи билан овора бўлди. У қишлоққа кетаётган ғариб йигитни тасаввур қилади: мағрур боши букилган, кўзларида чуқур ҳасрат, қор босган далада қадамларини катта-катта отиб, танҳо боради... Кошки у ҳам Йўлчига ҳамроҳлик қилган бўлса, у билан дардлашиб, ғамларига шерик бўлиб, овутиб, юпатиб у билан бирга тепалар, жарлар ошса...
Гоҳ Йўлчининг етим синглисини тасаввур қилади, уни қучоқлаб-қучоқлаб йиғлагиси келади: «Ишқилиб қишлоққа ташлаб келмасин, бу ерда ман унинг кўнглини кўтараман, унга чин опа бўламан...» деб ўйлайди ва хаёл суради.
Гоҳ Йўлчининг марҳум онасини, хаёл кучи билан жонли, равшан тасаввур қилишга тиришади. Гулнор қайнаналарнинг кўпини бадфеъл, уришқоқ бўлишини яхши билса-да, Йўлчининг онасини меҳрибон, кўнгилчан, ғоят самимий бир қайнана каби тасаввур қилди. Илгари ҳам баъзан ўз келажагини ўйлаган вақтларда, бахтли ҳаёт манзарасида, Йўлчининг онасини ҳам кўрар эди, қайнанасига елиб-югуриб хизмат қилишни орзу қилар эди.
— Гулнор, қаёқдасан?—дадасининг овозини эшитди. Гулнорнинг гораги ўйнаб, дарров жавоб берди:
— Мен бу ерда, гапираверинг,— деди-да, кўз ёшларини яшириш учун муздай сувда юз-кўзини юва бошлади. Ёрмат ошхонага яқинлашиб гапирди:
— Ҳамма иш манда қолди. Кеч қайтаман. Сен бир оздан кейин ташқари ҳовлига чиқ, меҳмонхоналарни супуриб, асбобларни топ-тоза қилиб қўй!
— У ерда ҳеч ким йўқми?
— Ким бўлар эди?
— Хўп, дада?

* * *

Гулнор меҳмонхоналардан бирини супуриб, кўрпачаларни ҳовлига олиб чиқиб қоқди. Токча ичига ясалган қизил, ялтироқ силлиқ ёғочдан ишланган шкафларни, безак учун у ерга, бу ерга қўйилган катта-кичик чиройли хитой вазаларни латта билан яхшилаб артди. Кейин иккинчи уйга ўтди. Бу уйда ҳар вақт Мирзакаримбой ўтирар эди. Танчанинг устида бойнинг садаф тасбеҳи, кўзойнаги ётар эди. Гулнор уларни токчага олиб қўйди. Чанг чиқсин учун, деразаларни очди. Узун, гўзал сочларини осилтириб, энкайиб уйни супура бошлади. Ногоҳ, оёқ товуши эшитди, деразадан қараб Мирзакаримбойга кўзи тушди. Камзулининг тугмаларини дарров илиб, супураверди. Мирзакаримбой шошиб-пишиб уй ичига киргач, Гулнор четланиб, деворга қисилиб, секингина «ассалом» деди.
— Э, гул қизим, шундамисан? Баракалла, оппоқ қизим.— Бой бир зумгина Гулнорга кулиб қаради. Сўнг, уйнинг тўрига ўтди, яна мулойим сўзлади:— Бировнинг омонат нарсаси бор эди, қизим, унутибман. Анча ердан қайтдим.
Тахмонда устига шолча ташланган, оғир пўлат сандиқни жаранглатиб очди-да, бир нимани олиб, тезгина чўнтагига яширди, сандиқни яна қулфлади.
Гулнор чолнинг чиқиб кетишини қутиб, деворга қисилган ҳолда турди. У уялган эди. Чунки бир йилдан буён, онасининг буйруғи бўйича, бойга жуда сийрак кўринар ва унга яқин келмасликка тиришар эди. Лекин, бой учраб қолса, албатта, гапга солар эди. Ҳозир эса у билан танҳо учрашганда, ўзини қаёққа олишни билмай, саросимада қолди.
— Оппоқ қиз, кийиминг ёмонку-а...— уй ўртасида тўхтаб деди у,— нимага Ёрмат менга арз қилмайди? Онанг қалай, кийим-кечаги бутми? Уялма, айтавер. Оппоқ қиз, нега юзингни бурасан? Вой-вой, уялма, тирикчиликларинг қалай, нима етишмайди? Манга айтмасаларинг, кимга айтасанлар? Оталарингман
Хўжайиннинг оғзидан бундай ғамхўрлик, меҳрибонликни биринчи марта эшитгани учун қиз жуда ҳайрон бўлди, уялибгина, таъзим билан жавоб берди:
— Тирикчилигимиз аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ўзингиз билсангиз керак.
— Қизим, ман кўп суриштирмайман,— қизга бир қадам яқинлашиб деди бой, — аввалгидай дегин, мазаси йўқ, дегин. Йўқ, энди албатта, дуруст бўлади. Даданг қанча йилдан бери манда ишлайди. У келганда сан чақалоқмидинг ё онанг қорнидамидинг? Кўп замон ўтди. Қизим, даданг яҳши ишлади, яширмайман. Аммо энди роҳатини кўради, энди сизларни рўёбга чиқараман,— бой, Гулнорга бошдан-оёқ разм солиб, кўзларини қисиб, лабини ялаб қўйди.
Гулнорнинг юзи уятдан оловланган бўлса ҳам, дадасига яхши турмуш ваъда қилган хўжайинга нисбатан сўзсиз бўзариб туришни одобсизлик деб билди, ерга қараб деди:
— Яхшилигингизни унутмаймиз...— Супургини ташлаб, тескари ўгирилиб токчаларни тозалашга уринди.
— Бери кел, санга бир нима кўрсатаман,— секингина деди хўжайин.
Гулнор ҳеч нимага тушунмасдан, қизариб мўйсафидга қаради. Лекин турган жойидан қимирламади. Бой ҳалиги сандиқни очиб, оқ латтага ўралган бир тугунчак олди.
— Бери кел, қизим!— қўли билан имлади кулиб. Қиз тараддудланиб, секин-секин унинг ёнига борди.
Хўжайин тугунчакни очиб, дераза томонга ўтди.
— Кўрдингми? Бу нима? Мана бу дур, мана бу марварид. Мана бу ёнган гавҳар. Қолганлари — ҳар хил тошлар, ёқут, зумрад.
Мирзакаримбойнинг ҳовучига сиғмаган бу қимматбаҳо безаклар кўзни қамаштиради. Оқ, сарғиш дур ва марваридлар пориллайди, ёқутлар, гавҳарлар ранг-баранг ёнади. Ҳаммаси бир-биридан гўзал товланади. Гулнор қизиқиб томоша қилди.
— Мана бу дурми? Жуда тоза экан. Нури опамда ҳам бор-а?
— Ҳаммаси асл, қизим. Менда паст нарса бўлмайди,—деди хўжайин, кейин қизга қараб, кўзини қисиб кулди.— Ол, бир шодани тақиб кўр. Жуда ярашади... Буларнинг бари қизларга, хотинларга чиқарилган. Ма, ол, тақ...— деб Гулнорнинг ҳовучига тўкди.
Қиз безакларни бир нафас ҳовучида тутиб, ёруғга солиб, яна томоша қилди. Лекин, бирдан, онасининг мозорини қучиш учун совуқда қор кечиб кетаётган етим, мотамли Йўлчини эслади. Қўллари титради, кўзларини ҳасрат босди.
—- Йўқ, мен тақмайман, бой ота. Кўрдим, бўлди-да, олинг,—безакларни Мирзакаримбойга узатди.
— Вой, тентак қиз, уялдингми?—У қариликдан ёши оқиб, четлари қизарган кўзларини Гулнорга аллақандай ҳирс билан тикди ва соқолларини қашиб, сўзлади.— Хўп, ҳозир тақмасанг, чўнтакка сол, уйингга яшир, кейин тақарсан.
— Нима дейсиз?—ҳайрон бўлиб сўради қиз.
— Нимага ағраясан, гул қизим? Буни ман санга бердим, ол, яшир!
— Йўқ, ман сира таққан эмасман, бой ота! — деди-да Гулнор орқасига чекинди. Супургини олиб, чанғитмаслик учун, секин-секин супура бошлади.
Мирзакаримбой: «ихтиёр санда, қизим» деган гапни икки-уч марта такрорлаб, жавоҳиротни қайгадир яширди ва истар-истамас, секин юриб чиқиб кетди.
Гулнор уйни йиғиштирар экан: «Бойнинг феъли яхшиланибди, илгари зиқна эди. Бойлиги ошиб-тошиб кетди, дерди дадам. Шунча пулни, шунча молни нима қилсин. Энди қариб, савоб йўлини эсга олибди. Дадамга, Йўлчига яхши қараса, майли-я», деб ўйлади. Ҳалиги безаклар унинг кўз олдида ёнди, уларни олмаганига дам ачинди, дам нимаданднр шубҳаланиб, яхши қилдим — олмадим, деб ўйлади.

ЎНИНЧИ БОБ

I

Ҳакимбойвачча кўк чакманига ўралиб, қимматбаҳо қундуз телпакни бошига енгил қўндириб, атрофга назар солмай, ҳар вақтдаги каби, ғурур билан келар эди. Маҳаллага қайрилишда гўё уни кутиб турган каби, эллик боши Олимхон учраб қолди. У бойваччанииг қўлини юмшоққина қисди.
— Мулла Ҳакимжон, бизникига марҳамат қилинг.— Хушовоз билан деди эллик боши.
— Раҳмат, Олимхон ака. Ман уйга борай.— Ҳакимбойвачча таклифни оддий манзират деб билгани учун кетмоқчи бўлди.
— Йўқ, бойваччам,— маъноли илжайди эллик боши,— икки оғиз сўзим бор, тасаддуғингиз бўлай, марҳамат қилинг.
Ҳакимбойвачча елкасини қисди. Истар-истамас, Олимхоннинг кетидан юрди, қоронғи йўлакдаги катта нарвондан болохонага чиқди. Болохона бўғот томли, тишдан кўримсизгина бўлса ҳам, ичи бежирим — қадимча эди. Шипи шарқча нақшдор уй, нақшлар эскириб, ранги хираланган, лекин ҳали диққатни тортарлик ҳолда. Токчалар қадимча — ганчдан ишланган қат-қат катакчадардан иборат. Уйнинг тўрига эскироқ гилам, қуйи томонига қип-қизил янги намат солинган. Танча атрофида янги кўрпачалар.
Ҳакимбойвачча танчага ўтириб, орқасидаги ёстиққа суянди. Эллик боши майин тўқилган чакманини ечди, тухумдай силлиқ ва оппоқ салласини олиб қозиққа илди.
Дастурхон олиб чиқиш учун шошиб-пишиб ҳовлига тушиб кетди.
Олимхон, замонасига мувофиқ, олифтанамо, ёшига қараганда, чиройли, силлиқ киши эди. Ёши олтмишга яқинлашган бўлса ҳам, одамлар элликдан ортиқ бера олмайди. Анча оқ тушган соқолларини, мўйловларини мунтазам қирдириб, тараб, силаб юради. Ҳар вақт яхшигина, ихчамгина кийинади. Бармоқларига тоши йирик узуклар тақади. Соати ҳам бор, одамлар билан гаплашганда, кўкрагида осилиб турган кумуш занжирни аксар вақт ўйнаб қўяди. Лекин Олимхоннинг муайян касби-кори йўқ. Бир вақтлар майда савдо билан машғул бўлган эса-да, кўпдан буён бирон иш олиб борганини ҳеч ким билмайди.
Олимхон бекор юриб тирикчилик қилишнинг ҳам яхши яшашнинг йўлини топган одамлардан. У жуда қув, мўлтони одам. Пул қарз олиб, еб кетиш, қалбаки ҳужжатлар ясаш, соддадил одамларнинг ҳовли-жойларини ўзига қаратиш сингари ҳаром ишларнинг пири эди. Айниқса, маҳаллага эллик боши бўлгандан кейин, мансабидаи фойдаланиб, ҳалигиндай ишларни авжга миндирди. У ўн икки йилдан бери эллик бошиликдан тушмайди. Маҳалла фуқаролари у муттаҳамдан шикоятланиб, қозихона ва бошқа маҳкамаларга аризалар топширишларига қарамай, хар сайловдан Олимхон сип-силлиқ чиқади. Чунки маҳалланинг катта-кичик бойлари, имоми, уламоси билан, хусусан Мирзакаримбой билан апоқ-чапоқ эди. Вақти келганда булар уни қўлтиқлашади. Олимхоннинг «фазилатлари» саноқсиз: у, эллик боши бўлгани учун, ҳамма тўй, маъракаларга бурнини тиқади, маҳалланинг одамлари орасида юз берган ҳар хил жанжал ва талашувларга боши билан кириб кетади, бир жанжални бостириб, иккинчи жанжални ўзи қўзғайди. Бундай вақтларда у ҳақ томонни эмас, қай томон обрўлироқ бўлса, порани кўпроқ берса, уни мудофаа этади. Ерли-сувли пулдор одам вафот қилса, унинг ворисларини бир-бири билан жиққамушт қилади. Кейин лойқа сувда балиқ тутиб, ўзига катта ҳиссани қўпоради. Бойлар билан қиш-ёз гап-гаштак ейди. Лекин ўзи ҳеч вақт гап бермайди...
Ҳакимбойвачча ёлғиз қоларкан, унинг маълум ва чала маълум кирдикорини бир-бир хотирдан кечирди, унинг эпчиллигига қойил бўлди. Лекин болохонага даъват этилишидан шубҳаланди: «Эҳтиёт бўлишим керак. Яна бир ҳийла-найранг тўқиганга ўхшайди. Мандан маслаҳат сўрайдими? Лекин, иш ҳар қанча чатоқ бўлмасин, у бировдан йўл-йўриқ сўрамасди. Қайдам. Пул сўраса, албатта йўқ дейман».
Олимхон мева-чева билан тўла бир патнис олиб чиқди. Сўнг ғизиллаб тушиб, шақиллаб қайнаган самоварни келтирди, чойни қуйди. Еб-ичиб ўтиришни, одатдагича, хушомадгўйлик билан таклиф қилди. Бойвачча данакдай нонни оғзига ташлаб, вақти зиқлигини билдирмоқчи бўлди:
— Олимхон ака, сўзланг...
— Суҳбатингизга орзуманд эдик, шошманг. Марҳамат қилинг,— дастурхонга ишорат қилди Олимхон. Кейин уруш хабардари тўғрисида, шошмай-пишмай сўз очди. Эшитган хабарларини жабҳага бориб келган одам каби қатъий гапира бошлади. Душманнинг тўплари, аэропланлари, «ақлга сиғмайдиган» бошқа ҳунарлари ҳақида лоф қилди. Ҳакимбойвачча, уруш хабарларига ҳар вақг қизиққанликдан, диққат билан тинглади. Сўнгра, ўзи ҳам гапирди. Рус, татар, яҳудий савдогарларидан бу кун эшитган кўнгилсиз воқеаларни, подшоҳ ҳукуматининг аҳволи анча танг эканини тўкиб солди. Лекин иккиси ҳам бу хабарларнинг нотўғри эканини ўз билганларича исбот қилишга тиришди. Ҳар иккиси подшоҳга ва аскарларга Оллодан мадад тилади.
Ярим соатдан ортиқроқ чўзилган бу қизғин ва зериктирмовчи суҳбатдан сўнг, Ҳакимбойвачча сабрсизланганини билдирди. Эллик боши бир минут қадар сукут қилиб, ҳалиги «икки оғиз» сўзини қай турда бошлашни ўйлади-да, жилмайиб қўйди.
— Мудла Ҳаким, бир нозик иш бор. Лекин хайрли иш. Бу ишга қадам қўймасдан илгари бир карра сизнинг олдингиздан ўтиш, раъйингизни билишга тўғри келади. Иншоолло, сиз ёлғиз фикр бериш эмас, балки қувона-қувона бу ишга ўзингиз бошчи бўларсиз...
— Гапираверинг, яхши ишга белим боғлиқ,— деди Ҳакимбойвачча, кумуш портсигаридан папирос олиб, лабига қистирди, Олимхонга ҳам тутди. Сўнг, шубҳали бир боқиш билан унга тикилди.
— Маълумки, мулла Ҳаким, эркакни қариди, кексайди деб бўлмайди. Чунки ҳаллоқ олам ўз қудрат қалами билан эркакни асл, пухта яратган. Эркакнинг жисмидаги жавҳар тугамайди...— Олимхон папиросни ёшлар каби олифта қистириб, тутатиб, сўзини давом эттирди: — Сўзим тўғрими? Меҳрибон онангизнинг ўлганларига мана тўрт ойга яқинлашди. Бой отамни уйлантириш керак. У кишининг ёшлари анча улғайган бўлса ҳам, лекин ҳали жуда тетиклар. У кишининг юраги ҳали йигит юрагидай. Ман буни жуда яхши биламан, у киши ҳали ишдан қўл узганлари йўқ, хушчақчақ суҳбатни яҳши кўрадилар, ёр-дўстлариникига борадилар. Бу нарса кўрсатадики, Мирзакарим отам дунё лаззатини яхши тушунадилар, яна кўп вақт бу лаззатдан баҳраманд бўлишни истайдилар. Модомики аҳвол шундай экан, у қишининг орзуларига қулоқ солишимиз керак бўлади. Мақсадим шуки, сиз — катта ўғиллари дўстларидан ман, иккимиз бош қўшиб уйлантирсак... Бу жуда ширин иш бўлар эди-да...— Эллик боши жилмайиб мўйловини жуда оҳиста силади, Ҳакимбойваччадан жавоб кутди.
— Дуруст,— бепарволик билан жавоб берди Ҳаким,— мен ўзим ҳам ўйлаб юрар эдим. Дадамга таҳорат суви берадиган, эрта-кеч ҳолидан ҳабар оладиган бир мўмин-маъқул заифа топилса, яхши бўлади. Олимжон ака, сиз бу хусусда дадам билан гаплашдингизми? Ё дўстингизга ўзингизча ғамхўрлик қиласизми?
Эллик боши бойваччага чой қуйиб берди, ўзи тиши билан нўхотдек қандни ушатиб олиб, бир қултум чой ичди, сўнгра шошмасдан гапирди.
—Дастлаб бу гапни дадангиз ўзлари ўртага отдилар. Бундан бир ҳафта илгари узоқ гаплашган эдик. Ман сизни холироқ жойда учрата олмадим. Хайр, эзгуликнинг кечи йўқ. Аммо, мулла Ҳаким, ман ҳали дедим-ку, бой отамнинг кўнгли ёш. Кўнгилни яна ёш қилмоқчилар, тушундингизми? Таҳорат суви берувчи аёлни оғизга олманг, иним.
Ҳакимбойвачча патнисни чертиб, бошини чайқаб, бир лаҳза сукутдан сўнг деди:
— Ёш хотин олмоқчи денг? Қизиқ!
— Дадангизнинг орзулари бундан ҳам баланд. У киши ел ўпмаган гулни узмоқчилар, нима дейсиз? Аммо бой отамга ярашади. Ман у кишининг кўнглига қойил қолдим. Ўтар дунёда завқ-сафо ғанимат, айниқса дадангизга ярашади.— Олимхон бирдан товушини сирли равишда пасайтирди. — Сиздан яширмайман, дадангиз қизга уйланмоқчилар! Бойвачча, ота орзусига ҳиммат камарини боғлайверинг...
Ҳакимбойваччанинг кўзлари ҳайратдан ола-кула бўлиб кетди:
— Қиз, шу гапларнинг бари ростми? Тавба!
— Ҳей-ҳей-ҳей,— эллик боши кулиб, кўзларини артди,— игнанинг учидай ёлғони йўқ, қулинг бўлай, бойвачча. Мен сизга тилмочлик қиляпман. Ҳатто, «куёв йигит» ўзларига муносиб бир қизчани ҳам ишорат қилдилар, ўҳу, гап кўп. Дадангизнинг табиатини билмас экансиз-а?...
— Кимнинг қизи экан у онамиз?—деди асабийланиб Ҳакимбойвачча.
— Ёнбағрингиздаги Ёрматнинг қизи!— бепарволик билан жавоб берди эллик боши.
— А? Тушми, ўнгми? Нима деяпсиз ўзингиз? Тўғриси, ҳеч хотирга келмаган гаплар.— Бойваччанинг ранги бир оз оқарди, кўзлари асабий равишда қисилди, папиросни устма-уст тортиб, анча вақт жим қолди, сўнг дағаллик билан деди:
— Бошқа қиз... топилмайдими?
— Дадангиз бу тўғрида шундай бир мулоҳаза юргиздилар: ўз қўлимизда ўсган мўмин-маъқул, синашта қиз, сиримизга ошна... Аммо, менимча, кўз олдиларида оловдай ёниб юрган чиройли қиз бўлса керак у, кўнгил у қизга андак мойилдак кўринади. Ман шундай сездим. Чиройли қиз — офтобдай кўнгилни ёндиради. Чиройли қиз — кўзнинг нурига нур қўшади. Қиз зоти — қизил олма: сувда балқиб-қалқиб келаётган қизил олмани кўрсангиз, чўкиб кетишни унутиб, қўлингизни чўзасиз унга... Бойвачча, нима дейсиз? Ёрматнинг қизини дадангизга қўшсак, нақ узукка қўйилган асл тошдай ўз жойига тушадими?
Ҳакимбойвачча индамади. Олимхонга қарамасдан, бошини қуйи солиб, бу кутилмаган воқеани ўйлади. Дадасидан ранжиди. Айниқса, Гулнорга кўз тиккани учун аччиқланди.
Гап-гаштакларда, ўтиришларда китобхонлик қилган жўралари орасида «ширин сухан»лик билан танилган Олимхон сайрайверди. У Мирзакаримбойнинг табиати ҳақида, чол киши учун қизга уйланишнинг фойдаларини, қиз ҳусни, унинг лаззатлари, завқи ҳақида лабларини ялаб иштаҳа билан узоқ гапирди. Унинг қиз мақтовларига Ҳакимбойвачча, ниҳоят, чидай олмай, ўрнидан сачраб турди.
— Хўп, ман кетдим.
— Мулла Ҳакимбой, отангиз бу ишга жазм қилганлар. Бир хизматкорнинг қизини дадангиздан аяйсизми? Сиз ақлли йигитсиз, сизга ўргатиш қийин, лекин айтайин, дадангизнинг орзусини қониқтириш — сизга фарз. Ўғил, қандай бўлмасин, отанинг қули бўлади.— Эллик боши бойваччанинг олдини тўсди.
— Хўш, ман нима киламан?— ерга қараб сўради бойвачча.
— Сизга шундай вазифа юкланади: укангизга, синглингизга, хўш, яна ким бор, шуларга оҳиста тушунтирасиз, яъни улар Мирзакаримбой отамга араз қилмасинлар, мана шу. Тўй боши албатта, мен ўзим...
Ҳакимбойвачча «йўқ» ҳам демади, «хўп» ҳам демади. Олимхон билан совуққина хайрлашиб, уйга жўнади.
У ҳовлида ўйнаб юрган ва «дада!» деб ҳар ёқдан югуришган болаларига назар солмай, тўғри ўз уйига — янги, кўркам, ичлари ҳаво ранг бўёқ билан бўялган ва ҳар хил қимматли буюмлар, асбоблар билан ясатилган уйга кирди. Уй жуда совуқ бўлса ҳам, танчага ўтирмади. Ҳеч вақт фойдаланилмайдиган, лекин савлат учун қўйилган янги ва кунгуралари кумушдай ярқираган катта каравотга ўзини ташлади. Узоқ вақт ўйлаб ётди. Дадасининг уйланишига қарши туриш учун ҳеч қандай асос топа олмади. Чунки дадаси ўз сўзли, вақти қелганда ҳар қандай монеликни яксон қилувчи забардаст кекса бўлганидан, унинг қизга уйланишига тўсиқлик қилиш мумкин эмаслигини англади. Аммо Гулнорга уйланиши бойваччанинг юрагини тирнади. Чунки Ҳакимбойвачча кўнгли билан бўлмаса-да, эркак орзуси, ҳирси билан Гулнорга мойил эди. Гулнорнинг бўйи ўсиб, кўкраги тўлишиб, бутун гавдаси қизлик латофати билан яшнаган чоғда бойвачча уни кўз тагига олиб қўйган эди. Лекин Гулнорга уйланиш тўғрисида дастлаб тараддудда қолди. Биринчидан, бола-чақали одам хотин устига хотин олса, уйда ҳар кун жанжал-сурон бўлиши шубҳасиз; икки хотиннинг қовоқ-димоғига қараб жанжалларига қози бўлиб, бошим қотади, деб қўрққан эди. Иккинчидан, бир хизматкорнинг қизига уйланишни — қиз қанча чиройли бўлмасин — ўз ғурури, ўз обрўси учун катта нуқсон деб билар эди. Чунки Ҳакимбойвачча ўз ғурури — обрўсига бировнинг оз-моз тил тегизишини кўтармас эди. Лекин кейинчалик у бир қатъий фикрга келган эдики, бунинг силлиқли ва иллатсизлигига сира шак-шубҳа қилмас эди. У шундай қарорга келган: Фарғона шаҳарларидан бирига, масалан, ўзи кўпроқ қатнайдиган Қўқонга бирон иш баҳонаси билан Ёрматнинг бутун оиласини кўчиради. Кейин ўзи бориб, Ёрматга куёв бўлади. Қўқонда бир хотин, Тошкентда бир хотин. Улар бир-бирларининг юзларини кўрмайдилар. Жанжал-сурон йўқ. Бу уйланишдан биринчи хотини ва бошқалар сира хабардор бўлмаслиги ҳам мумкин. Ўзи дам Тошкентда, дам Қўқонда яшайверади. Қўқонда, Ҳакимбойвачча хизматкорнинг қизини олибди, деган гап-сўз ҳам бўлмас. Бойвачча мана шу режани амалга ошириш учун жиддий киришмоқчи бўлган паллада онаси ўлиб, яна баҳорга қадар сабр қилишга мажбур бўлган эди.
Ҳакимбойвачча ҳозир бу режасини хўп ўйлаб кўрди. Буни шу кунларда юзага чиқариш мумкин бўлса-да, оқибати хунук кўринди. Дадаси кўз тиккан қизни қочириш, унга уйланиш иккинчи марта ота юзини кўрмаслик билан баравар эди. Ҳакимбойвачча бу масалада ўзининг узоқ вақт тараддудданганига, ниҳоят, фурсатни қочирганига афсусланди. Ортиқ чора йўқ эди. У истар-истамас, Гулнордан воз кечди.
Унинг хотини Турсуной тухум билан қовирилган мойли қўй гўштини бир хитой лаганда келтириб, сандал устига қўйди: «Туринг, совиб қолмасин», деди. Ҳакимбойвачча хўрсиниб ўрнидан турди. Овқатдан бир оз еди-да, лаганни четга суриб қўйди.
— Салим келдими?—деди хотинига.
— Шавкат йўталади; докторгами, табибгами кетдилар,— деди хотини.
— Келса унга айт, албатта менга учрасин!— деди-да, совуқдан увушган баданини танчага тиқиб ётди.

* * *
Салимбойвачча акасини ҳар кунгидан жиддийроқ ва хафароқ кўрди. Ер тўғрисида бир чатоқ одам бидан судлашиб юрган эди, суд ишни бунинг зарарига ҳукм қилганмикан, деб ўйлади.
— Нима бўлди, хафа кўринасиз?— ғамхўрлик билан сўради Салимбойвачча.
— Дадам уйланармиш, нима дейсан?—шартта жавоб берди Ҳакимбойвачча.
— Мунча тез? Ойимнинг ҳайит-маъракаси ўтмасдан! Ҳакимбойвачча қўлини силкиди.
— Ўлди кетди. Жойи жаннатда бўлсин,— деди у,— мен эллик боши билан гаплашдим. Чол унга ҳамма сирини айтипти.
— Хўп... Қидирсин. Озода, саранжом-саришта, бефарзанд, хўш, ёши улғайган бир аёл топилса майли...
Ҳакимбойвачча укасига қараб киноя билан кулди, бошини маъноли қимирлатиб сукутга кетди.
— Нима? Ёш хотин олмоқчими? Тавба!—Салимбойвачча кўзларини олайтириб сабрсизлик билан гапирди.— Бу тенг одамлар уйда намоз билан, тасбеҳ билан овора.
Салимбойвачча аччиқланиб, юзини тескари бурди.
— Салим, ҳали дадам тетик эмиш,— ётиғи билан тушунтиришга тиришди Ҳакимбойвачча,— қартайган чоқда айш-ишрат сурмоқчи эмиш. Хўш, биз нимага тўсиқ бўламиз? Биласан-ку дадамнинг феълини, унинг фикрини биров кеса оладими? Ҳовлиқма, ука, ман сани маслаҳат учун чақирдим.— Яна хўмрайиброқ, овозини пасайтириб деди,— у ёғини сўрасанг, айтайми, дадам Ёрматга куёв бўлмоқчи! Гулнорга уйланмоқчи!..
Салимбойвачча ўрнидан ирғиб тушди. Жаҳлдан танчага бир мушт уриб, танча устида турган катта лампани қулатай деди. Сўзлашга тили қотган каби, анча вақтгача акасига бақрайиб қолди, киприклари қўрқувдан, ғазабдан асабий пириллади.
— Нимага титрайсан?—деди вазминлик билан Ҳаким.— Ота ризоси Олло ризоси. Дадам қиз олмоқчи экан, олсин. Гулнорни олмоқчи экан, олсин. Ука, биз тўсиқ бўлмайдик, чолнинг дили оғримасин...
— Қўлимизда чўри бўлиб ўсган қиз сизга, манга она бўлсин, оиланинг бошига чиқсин. Исқирт Ёрмат бизга бобо бўлсин!—деди бақириб Салимбойвачча.
— Секин! Секин гапир!—Ҳакимбойвачча лабини тишлади,— хотинлар эшитса, гап-сўз чувалади. Хўп, Гулнорга уйланмаса, бошқа бир камбағалнинг қизига уйланади-да. Ҳар қанча бой бўлмасин олди-кети тўла набира бўлган чолга дуруст оила қиз берадими?
— Қизми, жувонми, Гулнорми — барибир, ман дадамнинг ёш хотин олишини хоҳламайман,— деди Салим, ўрнидан туриб, уй ичида асабий юра бошлади. Сўнг, танча устида ётган папиросидан олиб, гугурт чақишга сабри етмай, қошини куйдириб лампадан тутатди ва акасининг нақ бошида туриб сўзлаб кетди:
— Нимага куяман, ака, биласизми? Ёш хотин шартта-шартта туғаверади. Бир вақт келиб, дадамнинг куни етса, Гулнорнинг чурвақалари бош кўтаради. Уларга ҳимоячилар топилади. Яхлит давлат, билмадим, неча бўлакка бўлинади. Сағир-кабирларга ажратилса, тоғ ҳам увоқланади. Шундай килиб, Мирзакаримбой хонадонидан барака учади. Сиз бу нарсаларни ўйламайсиз шекилли...
Укасининг мантиқи қаршисида Ҳакимбойвачча ҳам эсанкираб қолди. У ҳали кўпроқ бошқа хаёллар билан бош қотириб, бу томонларга аҳамият бермаган, тўғриси, эсга келтирмаган эди. Чунки унинг қўли «узун» эди, давлатнинг бир қисмини дадасидан, укасидан яширин ишлатиб, холис ўзига қарашли катта бир бойлик орттирган эди. Лекин бунга қарамасдан, ҳозир унинг кўз олдидан бир қатор гўдаклар, ўгай укалар ўта бошлади. У бошини қўллари орасига олиб, жим ўтирди. Ниҳоят, чарчагандай, бир уҳ тортди-да, секин гапирди:
— Бир илож топ. Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам.— Салимбойвачча жавоб бермади. Унинг ҳаракатлари нотинч... жаҳлдан бармоқларини тишлаб, дадасининг, Ёрмат ва Гулнорнинг шаънига бир-биридан аччиқ, ўткир сўзларни ўз-ўзича минғирлайверди.
— Беҳуда ёнма, ука, бир ақл топ!
Салимбойвачча акасининг ёнига тиз чўкди, бўғилиб шивирлади:
— Мунга нима дейсиз?.. Уйланмасдан илгари дадам ҳамма мавжуд дастмояни, бутун ер-сувни ва бошқа мулкларни бизга ҳужжат қилиб бериб, муҳр билан мустаҳкамласа... Бошқа нарса керак эмас. Кейин кимни олса олсин, ҳеч ишим йўқ.
Ҳакимбойвачча ялт этиб укасига қаради. Енгилланган каби кўкрагини кўтариб хўрсинди-да, мўйлаби орасидан жилмайиб:
— Жуда соз. Кўп одамлар шундай қилишади. Лекин чолга оғир ботмасмикан?— деди.
— Йўқ, сира хафа бўлмайди,— деди Салим,— дадам бойликни биз учун топган. Гулнорга уйланишни жазм қилган бўлса, бу талабимизни рад қилмайди. Бу шартга кўнмаса мен тамом норозиман...— қўлини кескин силкиди Салим.
— Норози бўлишдан нима фойда? Дадангдан кечасанми? У хоҳлаган ишини қилаверади. Ҳалиги фикринг соз. Ман эртага эллик боши орқали дадамга билдираман. Жавоби қандай бўлади. Буни айта олмайман... Ҳар ҳолда кўндиришга ҳаракат қиламан. Ука, ман уч-тўрт кундан кейин Фарғонага жўнайман. Лекин сан чолнинг кўнглини заррача оғритма, дурустми?
Салимбойвачча акасининг бундай «бўшанг»лигига ғазабланиб, уни койимоқчи бўлган пайтда, эшик очилиб, Тантибойвачча кириб келди. Икки оға-ини бир қадар саросимага тушиб, ўринларидан туришди.
— Суҳбатларингни буздим шекилли, саломатмисизлар?—Тантибойвачча кўришиб, оғир пўстини билан сандалга чўкди. Ака-уканинг башарасига разм солиб, киноя билан деди:
— Кўзларингиз бежо, нима бўлди, тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик...— ака-ука бирдан жавоб беришди.
— Ман сизларга хушхабар келтирдим,— талтайиб кулиб деди Тантибойвачча,— худо жиянингиз Миробидга ўғил берди, севинчи чўзинглар!
— Ўҳў, жуда яхши. Муборак бўлсин набира!
— Ўн олти ёшда Миробид ўғил кўрди-а. Тавба!
— Кичкина ота!
— Биз йигитча — бобо бўлайлик,— хахолаб кулди Тантибойвачча.
— Дадам,— киноя билан кулиб деди Салимбойвачча,— мана эварали бўлди. Катта тўй қилиб берсин энди...
Ҳакимбойвачча лабини тишлаб, укасига маъноли қараб қўйди...

II

Икки овсин — Турсуной билан Шарофатхон — бирга ўтириб, «ҳасратлашар» эди. Эрлари Ҳаким ва Салимбойваччаларнинг уч кундан буён қовоқ-димоғлари осилганининг сабабини бу кун билишди. Қайнаталари Гулнорга уйланиш нияти улар учун катта мотам бўлди. Чунки улар катта оғиз, кутувчи, бутун рўзғор, мол-мулкка ўзини ягона хўжайин ҳисоблаган, ўзига иззат ва ҳурматни бениҳоят талаб қилган қайнанадан яқинда қутулиб, уй ичида ўзларини энди бир даража мустақил сеза бошлаган эдилар. Қайнатанинг қайта уйланиши ёдларига келмаган эди ҳам. Тўсатдан чолнинг Гулнорга уйланиш орзуси уларнинг капалагини учирди. Икки овсин, ораларидаги душманликни ҳозирча йиғиштириб, кутилмаган фалокатни ўйлай бошлади. Уларнинг юрагига мотам солган «фалокат» мана шу ваҳимадан иборат эканлиги суҳбат вақтида аниқланди: Гулнор чўри қиз. Бизларнинг оталаримиз ким? Тошкентнинг энг овозали бойи. Чўри қиз бизга қайнана бўладими?! Гулнор чўри бўлса ҳам, жуда чиройли қиз. Шунинг учун чол уни қадрлайди. Ёш, чиройли хотинга ёқиш, унинг кўнглини кўтариш учун, уни ҳаммамизнинг бошимизга ўтқазиб қўяди. Кейин Гулнорга худо берди, у эрка-арзанда хотин бўлиб, эрига суялиб, кўнглига нима келса, шуни қилади, бизни ҳар нарсадан четга қоқади, балки бошимизда ёнғоқ чақади. Камбағалнинг қизи очкўз, молпараст бўлмасдан иложи йўқ. Уйдаги ҳамма асил буюмларни ўзи эгаллаб олади, биз унда нима қиламиз? Қайнатамизга қарши «чурқ» этиб оғиз очолмаймиз, эрларимиз бўлса ота кўрсатган издан чиқишмайди... Агар чол биронта қари хотинга уйланса эди, иккаламиз «иттифоқ» ясаб, уни юмалоқ ёстиқ қилиб четга отар эдик...
Бу фалокатга тўсиқлик қилишдан ожиз булган икки овсин шу кайфиятда ҳасратлашар экан, дарвоза ёқдан Нурининг йиғиси эшитилди. Улар шошиб-пишиб ўринларидан туришди-да, қайинсингилни қарши олиш учун ҳовлига тушишди.
Онаси ўлгандан бери Нури тез-тез келиб турар эди. Она ўлимига дастдаб чидай олмаган каби кўринган Нури, секин-секин тақдирга тан берган, ҳатто аввалгидай бир гапириб, ўн куладиган бир ҳолга келган эса-да, ҳар келишда эшикдан бақириб кирар эди. Чунки қўни-қўшнилар: «фалончининг қизи бемеҳр экан» деб айблашлари мумкин!.. Шунинг учун у ҳар гал уйда, ё айвонда чўққайиб, истар-истамас, йиғи берар, яъни дастрўмолни юзига тутиб, кўзидан қатра ёш чиқмаса ҳам, онасининг шаънига булбулдай айтиб «йиғлар» эди. Турсуной ва Шарофатхон қайнананинг ўлимига ичидан ғоят севинган бўлсалар ҳам, сир бой бермаслик учун ва Нуридан қўрққанлари учун, овозларига чўзиқ, қалбаки мотам оҳанги бериб, бош йиғичига жўр булишар эди.
Бу кун ҳам нақ шундай қилинди. Йиғидан сўнг икки овсин дарров Нурини ўртага олиб, шивир-шивир билан «фалокат»ни тушунтира бошлади. Нури бу воқеанинг учини эшитган ҳамон безгакдай қалтираб кетди, кўзлари жинни кўзидай қўрқинчли бир ғазаб билан олайди. Ҳатто келинларни қўрқув босди. Нурини секингина холи уйга олиб киришди.
— Гулнор қани?— юлиниб бақирди Нури.— Ҳозир бўғиб ўлдираман!..
Турсуной билан Шарофатнинг ранги бўздай оқарди. Чунки эрлари бу сирни ҳозирча зинҳор оғиздан чиқармасликка буюришган эди. Энди улар бир-бирига гал бермас, Нурини аврашга, юпатишга ҳаракат қилишди.
— Ғавғо кўтарманг, дадам хафа бўлади, ётиғи билан иш қилинг! Акаларингиз келганда уларнинг оёқларига йиқилиб йиғланг, бизлардан эшитганингизни билдирманг, дурустми? Дадамга муносиб хотинни мен ўзим топаман, денг...
Нури маст жиннидай бетоқатланиб, кунни ўтказди. Кечқурун Салимбойвачча дўкондан қайтгач, Нури, келинойилари ўргатгандек акасининг оёғини қучиб йиғлади. Салимбойвачча синглисини турғизиб, танчага ўтқазди. Лекин титраб-қақшаб гапирди:
— Эшитдингми? Ман сандан баттар куяман. Лекин фойдаси йўқ, Нуриой! Биз ҳаммамиз дадамизнинг қулимиз. Ман санга, тўйга аралаш, бош бўл демайман... Лекин оғзингни юм! Нима бўлса кўрармиз.
— Қандай ота у?—қичқирди Нури,— ойимнинг тупроғи совумасдан, чўри қизга уйланадими? Кимсан Мирзакаримбой, таги паст, қашшоқ қизга уйланса мен қандай чидайман! Ифлос чўри қиз уйимизга бошлиқ бўладими?! Биламан, жувонмарг Гулнор ўзи қошини қоққан, кўзини учирган, шундай қилиб дадамни йўлдан оздирган.
Салимбойвачча истеҳзо билан кулди, зўр билан Нурининг овозини ўчирди. Сўнгра имо билан хотинини уйдан чиқарди-да, мол-мулкии ҳозирдан ўзларига ўтказиб олиш тўғрисидаги у кунги фикрни тушунтира бошлади...
Иккинчи кун эрталаб Нури акалари каби бўшанглик қилишни истамай, маҳалладан бир кампирни топиб, унга бош-оёқ кийим бериш ваъдаси билан зўр фолбинга бошлаб боришни сўради. Кампир паранжини бошга илиб Нурини машҳур «қўнғироқ» фолбинга (баъзилар «рост фолбин» ҳам дейишади) сургади. Шўртепа маҳалласидан ўтиб, жарликка тушди. Обжувоз, тегирмонларнинг юқорисида, ери шўрхок, деворлари бузуқ-ёриқ бир ҳовлига киришди. Ҳовли ўртасида чирик гавдаси ўрадай ўпирилган, қари баҳайбат бир туп тол. Унинг тарвақайланган қўпол, яланғоч шохлари ҳовлининг у бурчагидан бу бурчагига етади. Уларга қўниб ўйнаган қарғалар, бир нимадан чўчиган каби, аянчли товуш билан қағиллашади... Нури олдинроқ юриб, саҳни яланғоч, эни бир бўйра қадар айвонга яқинлашгач, тупроққа қоришиб ётган катта, пахмоқ кучук занжирини шалдиратиб ўрнидан турди. Нури чўчиб орқага қочди. Лекин, кучук кескин бир «ҳов» билан жим бўлди, ялқовланиб яна ётди. Нурини нақ мозористонда ёлғиз қолган каби бир ваҳима босди, ранги ўчиб, кампирнинг пинжига тиқилди, шубҳа ва қўрқув билан атрофга қараб-қараб қўйди. Айвонча билан бир қаторда, қўрғон каби баланд, ҳайбатли, лекин жуда эски пахса уйнинг ис босган, қора эшиги жимгина очилди, остонада мудҳиш бир махлуқ пайдо бўлди: бу фолбин эди. Унинг ёшини тайин қилиш қийин, қадди у қадар эгилмаган, лекин скелет каби нуқул суякдан иборат бўлган кичкина хотин, бурушиқтириш юзи — олқинди совун; чуқур, ичига ботган мунчоқдай кўздарида даҳшатли қора олов ёнган каби... бошида қора рўмолча... Чиркин, кир сочлари ҳалиги кучукнинг юнги тусида ва ўшандай дағал, қалин, узун, чўпдай ингичка суяк бармоқлари билан эшик ҳалқасини ушлаб, Нурига анча вақт бақрайиб қарагандан кейин, кўйлак этагини ерда судраб, икки қадам олдинга юрди. Нури унинг олдига боришга қўрқиб, узоқроқдан оғзаки сўрашди. Кампир эса, гўё у фолбин билан эгачи-сингил каби, қучоқлашиб кўришди. Нури шошиб мақсадини англатди. Сўнгра, ўз кампирига суқулиб, фолбин орқасидан уйга кирди. Уй зиндон сингари қоронғи ва совуқ, уйда нима борлигини ғира-шира кўриш ҳам анча қийин. Фолбин уй бурчагида оқариб кўринган чодир ичида йўқолди. Бир оздан сўнг у ердан унинг хаста товуши чиқди: «Эшикни ёпинглар, муаккирларим ёруғдан қўрқади...»
Эшик ёпилгандан кейин қоронғилик даҳшатли равишда қуюқлашди. Нури туртина-туртина чодир томонга бориб, ўтиришга тиришди. Қўрқувданми, қоронғиданми унинг нафаси тиқилди... Ногоҳ бурчакдан қўнғироқли чирманда гулдураб кетди. Нури бир сесканиб чушди, кўзларини юмди. Чирманда бўғиқ гумбурлайди. Қўнғироқларнинг жарангидан ваҳима учади. Гўё чирмандани одам чалмайди. Қоронғи кечада мудҳиш жар ёқасида дев чалади. Оёқларига, қўлларига қўнғироқ таққан қўрқинчли ажиналар рақс этади!
Бу мудҳиш машъум базмга ҳалиги ялмоғиз фолбиннинг хаста овоз билан вайсаши қўшилди: «Ё Султон! Ё чилтон! Ҳу-ҳу-ҳу!..»
Фолбин узоқ вайсади. Жинларга ялинди-ёлворди, одам кулгисига ўхшамаган бир йўсинда қийқириб кулди...
Нури ўзини чинакам жинхонада ҳис қилди, атрофини гўё жинлар ўради, боши айланиб, совуқ тер босиб, кўзлари юмила борди... Кампирнинг: «Туринг, Нуриой!» деган товушини эшитар-эшитмас қоқила-суқила ўзини эшикка отди. Оғир, қўрқинчли тушдан қутулган каби, ҳорғин «уҳ» тортди, лекин қулоқларидан ҳалиги жин базмининг гувиллаши кетмаган эди. Бир оздан сўнг фолбин эшикка чиқиб, уларнинг, яъни Гулнор билан Мирзакаримбойнинг «дилларини боғлаган ипни» жинлар узганлигини ямланиб-ямланиб сўзлади. Сўнгра, яккам-дуккам ифлос тишларини яширган оғзини катта очиб эснади, гўё унинг бутун бадбуруш юзини оғиз қоплади. Фолбин оғзини йиғиштириб, латтага чандиб ўралган, катталиги данакдай бир нимани енг учидан чиқариб берди. Бу «амал» эди. Бу кичкина тугунча ичида мозор тупроғи, темиртак, тобутнинг чўпи, совун, ўлик тирноғи ва ҳоказолар бор эди. Уларнинг ҳар бири Гулнор учун бир бало ва офатга ишорат қилиши керак: мозор тупроғи — Гулнор тездан тупроққа қоришсин учун; темиртак — Гулнор темирдай қотсин учун; тобут чўпи ва ўлик тирноғи — буларнинг даҳшати ўз-ўзидан маълум; совун — Гулнор совундай эрисин учун. Фолбин бу даҳшатли тугунчакни Гулнорнинг остонасига кўмиш кераклигини уқтирди. Кейин, бир парча хамирни одам боши каби юмалоқ қилиб, қирқ игна билан ҳалиги хамирни муттасил санчиб туриш кераклигини ва бунинг орқасида Гулнор қаттиқ бош оғриғига мубтало бўлиб, тез кунда ўлишини тушунтирди. Фолбин жинларининг кучига Нурининг эьтиқоди минг марта ошганидан, ўн сўм пул чиқариб берди ва фолбин айтганларини тезроқ бажариш учун уйга югурди.

ЎН БИРИНЧИ БОБ

I

Ёрмат хўжайиннинг сигир-бузоқларига терт қориш билан машғул бўлган хотинининг олдида тўхтади. Унинг юзида мулойим табассум, бутун сиймосида, қандайдир бир сабрсизлик сезилар эди. У Гулнорнинг қаердалигини сўради. Юмуш қилиш учун ҳозиргина хўжайинникига чиққанлигини эшитиб, пешанасини буриштирди ва:
— Айт, энди у ерга чиқмай турсин!— деди. Гулсумбиби ҳайрон бўлиб, кўзлари билан савол қилди: нимага? Ёрмат хотинини айвонга бошлаб келди.
— Ўтир,— жиддий буюрди Гулсумбибига, сўнг ўзи ҳам ўтириб гапира бошлади.— Ман ҳозир эллик бошиникидан келдим. Қизиқ нарсалар эшитдим, хотин. Эшитганмисан, бизнинг эллик бошимиз қанақа одам? Бутун маҳалланинг отаси. Етти яшардан етмиш яшаргача унга салом беради, қўл қовуштиради. Обрўси баланд, сўзда ягона одам. Закун билади.
Гулсумбибида бардош қолмади, эридан кўз узмасдан сўради:
— Нимага чақирипти сизни, яхшиликми?
— Яхшилик, манга қолса, тушга кирмаган яхшилик. Ҳаммасини гапираман. Аммо «ғинг» демайсан, нақ айвондан улоқтираман!— Ёрмат ўқрайди.
— Зардангиз қурсин, ҳар вақт дўқ билан гапирасиэ!
— Хотин кишида товуқча ақл бўлмайди, зарда қилмасдан иложи йўқ,— қовоғини солиб, сўзини давом эттирди Ёрмат.— Эллик боши мани чақириб олди. Фозил одам билан суҳбатлашсанг роҳат қиласан-да. У кишининг сўзлари китобда ҳам йўқ, шундай маъноли... Ана сўзга усталигу. Гаплашдик. Дастурхон жойида, қанд-қурс, мева-чева саноғи йўқ... Сўзлашдик, хотин, у киши сўзни айлантириб, сиздек бахтли ота жаҳонда, йўқ деди. Ҳайрон бўламан. Оғзим қийшаяди, кўзим жавдирайди, доно одамга садақа бўлсанг арзийди, у киши жуда мулойимлик билан равшан қилди: хўжайин у кишини ўз ёнига чақирипти, мани мақтапти, хулоса, Ёрмат бир қизини мандан аямасин, депти бой отам...
— Кимга депти хўжайин?—ҳайрон бўлиб сўради Гулсумбиби.
— Ҳўкизнинг қулоғига танбур чертдимми, нодон хотин!— қизариб кетди Ёрмат.— Кимга бўлар эди, бой отам ўзига сўраяпти.
Гулсумбиби ирғиб тушди-да, икки қўли билан икки тиззасига шарт-шарт уриб, бобиллаб гапира кетди:
— Бой қурсин, уят-андишани билмайдими? Қариб мияси айнагандир. Вой, уч кун илгари эвара кўрди-я! Имонсиз кеткур...
— Жим!—муштини кўтарди Ёрмат.— Товушингни ўчир, худо ҳаммага ақл улашганда сан қай гўрда эдинг!
— Сиз нима жавоб бердингиз?— деди бутун аъзосини титроқ босган Гулсумбиби қичқириб.— Етмиш яшар чолга ёлғиз қизимни бермоқчи бўлдингизми? Ота бўлмай кетинг, бемаъни!..
— Сўзга қулоқ сол, шаллақи макиён!—Ёрмат кўзларини найзадай қадади.— Етмишда эмас, олтмиш бешда. Қарими? Қари бўлса ҳам мандан, сандан тетик ҳали. Қарғама, қулоқ сол. Мирзакаримбой худо ярлақаган банда. Шунча мол, мулк, шунча обрў. Қизим Гулнор шундай улуғ даргоҳга тушса, ёмонми? Кексалигини ўйлайсан-ку, бу томонларини назар-писанд қилмайсан?!
— Йўқ десангиз бой тилингизни кесармиди?— бўғилиб деди Гулсумбиби.
— Тилимни кесмайди, бундан баттарроқ қилади. Орамизга совуқлик тушади, мана бу ёмон нарса. Кейин ман кўрпа-ёстиғимни кўтариб, қай эшикка бораман? Кўрпа-ёстиғини орқалаб хор-зор юрган одамларнинг саноғи йўқ. Сан замонни тушунасанми, ўйлаб қара, агар шу хом қовоқда миянг бўлса, йиғлама, касофат; йиғи билан бошланган тўйнинг оқибати ёмон бўлади. Қувониб-қувониб тайёрлик кўравер!
— Нимага йиғламай, кошки кўзим оқиб тушса, ҳеч нимани кўрмасам...— кўз ёшларини қуйиб сўзлади Гулсумбиби.— Давлати қурсин, бойнинг ўғиллари, келинлари, қизлари Гулнорни чиқиштирмайдилар, уларнинг феъли, одати манга маълум-ку. Уч-тўрт кундан буён уларнинг авзойи бузуқ эди, бетларидан заҳар томар эди. Сабабини энди тушундим. Мана ҳозирдан бошлаб кўрсатган қилиқлари! Сиз ҳали чучварани хом санабсиз.— Гулсумбиби кўз ёшларини этак учи билан артиб, сўзида давом этди:— Тўғри, улар бой, жуда бой. Аммо улар Гулнорга тинчлик бермайди. Бойнинг уйи сарой бўлсин, барибир Гулнорга зиндон бўлади. Қизингизга муносиб бир йигит топилмасмиди? Топилади. Мана Йўлчивой. Тоғни урса талқон қиладиган йигит. Қизимни оч-яланғоч қўймасди. Гулнорнинг кўнгли ҳам мойил эди. Яшириб нима қилай сиздан....
Ёрмат сапчиб ўрнидан турди, тоқатсизланиб у ёққа-бу ёққа юрди, ёқасини ушлаб «тавба» деб, яна хотинига ўдағайлади:
— Акиллама! Йўлчи ким? Манга ўхшаш бир малай-да. Хизматкорнинг ёруғлиққа чиққанини ман хали кўрган эмасман. Аҳмоқ! «Мўҳ, мўҳ» деса, қўй ҳам тушунади. Аммо санга сўз уқтириб бўлмайди. Йиғи-сиғини йиғиштир, агар жонинг ширин бўлса...— Ёрмат эшикка томон бир неча қадам ташлаб, сўнг яна қайтиб келди-да, юмшоқроқ сўзлади,— қўшниларга чиқиб алжирама. Олимхон аканинг олдида сўз бердим. Ота ризоси — фотиҳа билан баравар. Гулнор чиқса, айт, тушунтир, насиҳат қил. Бу ишлар сандан лозим. Қизим ақлли, бекорга тўполон қилмас. Дурустми?
Гулсумбиби ёлғиз қоларкан, ўзининг «тош пешанасидан», бахти қаролигидан шикоятланиб, дам эрини, дам бойни қарғаб, дам худога ёлвориб ўтирарди. Яна нима қилиши мумкин бечора она! Ҳаммадан кўра юрагини чуқурроқ эзган, бутун вужудига заҳар каби тарқалган нарса — Гулнор билан учрашув, унга ўз отаси келтирган бу шум хабарни билдириш эди. У Гулнор каби севикли қизини, кўз нурини оловга отиб, яна унинг бахт ва саодати тўғрисида насиҳат қилиши керак!
Кечга яқин Гулнор чиқди. У анча ҳорғин ва хафа кўринди. Гулсумбиби қизи дам олгандан кейин, кечаси ёки эртага астагина билдирмоқчи бўлди. Аммо қизининг ўзи она юрагини очишга мажбур қилди. У паранжисини қўймасданоқ ҳайрат билан сўради:
— Нима бўлди, ойи, дадам билан уришдингизми, кўп йиғлабсиз?
— Даданг қурғур хафа қилди мени,— ўзини тетикликка солиб деди она,— қани, паранжингни қўй, ёнимга ўтир. Ҳамон дардимни оча қолай...
Гулнор паранжини қозиққа илиб, онасининг ён бағрига ўтирди ва кўзларини тикди.
— Болам, бундан кейин хўжайинникига чиқма. Даданг буюрди.
— Шуми? Кошкийди ўша ҳовлини кўрмасам. Иложи борми? Юмушлари кўп, ўзлари чақиришади.— Бир оз тўхтаб давом этди Гулнор.— Ойи, сиз сезасизми, бойникида орқамдан кулишади, гапиришади, пичинг, кесатиқ-месатиқ... Ман яқинлашсам, жим бўлишади. Нури опа илондай чаққиси келади. Ҳартугул бу кун уйига йўқолди, уҳ... жуда жаҳлим чиқди, ойи. Ҳа, нимага чиқартирмайди дадам?
Гулсумбиби бу саволга жавоб беришдан аввал, камбағалчиликдан, эрининг аҳволидан шикоят қилди, ёлғиз қизи Гулнор орқасида тирикчиликнинг яхшиланишига умид қилганини сўзлади.
— Хаёлингиз қаерда, нима сўзлаяпсиз ойи? Тузуккина гапиринг!—деди Гулнор таажжубланиб.
— Болам, шу муштипар, шу бахтсиз онангнинг ярасига туз сепмасанг, юрак-бағрини қон қилмасанг, даданг келтирган хабарни айтаман.
Она чуқур меҳрибонлик ифода қилган ёшли кўзлари билан қизга қаради.
— Ойи, сўзланг, тезроқ, нима, тинчликми, нимага титрайсиз?—Гулнор кўзларини жавдиратиб онаснга яқинлашди.
Онада бардош қолмади. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, Ёрмат келтирган мудҳиш хабарни севикли қизига билдирди. Гулнор ҳушсизланган каби, бошини онанинг тиззасига отди. Анча вақт «қимир» этмай ётди. Сўнг, бошини кўтармасдан, йиғи аралаш қичқирди:
— Ойижон, худодан ўлимимни тиланг, тезроқ тиланг!— яна жим бўлди...

II
   
Ўғли Тоҳиржон сил касалидан ўлгандан кейии Шокир отанинг бели яна кўпроқ букилган, кўзлари йиғи билан япа кўпроқ кучсизланган эди. Етим набираларини оғир, чидамли меҳнат билан ҳам боқолмаган бу жафокаш чол, ўзи учун бир эски уйни ва дўконхонасини олиб қолиб, ҳовлисининг қолган қисмини сотишга мажбур бўлган эди. Бу нарса ҳам унинг юрагини жизиллатиб қўяр эди. Бу ғамлар етмагандай, унинг ягона кўмакчиси бўлган шогирдини яқинда бошқа бир уста айнатиб олиб, бечора чолнинг қўлини кесди. Аммо Шокир ота аввалги бардош, аввалги ғайрат билан ишлаб турди.
Ҳар кун тонг қоронғисида ишга тушиб, то пешин намозига қадар ҳеч қаёққа қўзғалмайдиган «бачканадўз» бу кун қиём бўлмасданоқ дўконхонадан чиқди. У эриб билч-билч лойга аралашган ифлос қор ва балчиқ сув билан тиззага қадар тўлган кўчанинг бир четидан юриб, деворларга тиралиб, катта ҳассасини авайлаб қўя-қўя, ҳар қадамда «ёпирим!» деб базўр гузарга чиқди. Қоратойнинг дўконхонасига.яқинлашгач, чолларга махсус бир тикилиш билан қаради. Чет одам йўқлигини фаҳмлаб, темирчига келди, супачага ўтириб нафасини ростлади.
— Буқаламун фалакнинг гардишига боқ, чироғим!—деди Шокир ота.— Кишининг қўли узун экан — юлдузни узиб олади, қўли қисқа чўнтагидагини ҳам ололмайди... Дунё ялиниб келган вақтда шоҳ Машраб унинг орқасига тепган эканлар, ажаб қилганлар; дунё ўзи бевафо, орқасига тепсанг арзийди...
— Тағин нима бўлди, қария?—ҳар нарсани лўнда қилиб гапиришни севган Қоратой чидамсизлик билан сўради ва жавоб кутмасдан яна сўзлаб кетди.— Келинингиз болаларини сизга ташлаб, эрга тегипти. Эшитдим, лекин нима чора қиласиз? Шу кунда ҳамманинг боши шишган. Оқподшоҳ ҳаммани қирадиганга ўхшайди. Уруши қурсин! Очлик, қимматчилик...
Шокир ота ўтирган жойида ҳассасини ерга «дўқ» этиб урди, темирчининг сўзидан норозилигини билдириб деди:
— Ман боғдан гапирсам, сан тоғдан келасан. Навқирон Тохиржон ер бағрида ётганда, ман келинни ўйлайманми? Уруш дейсан, тахтда ўтирган Некалай сани, мани қайғумизни ейдими?— Шокир ота умидсизланиб қўлини силкиди.— Ҳой, пиринг ҳазрати Довуд ҳақига бир нафас шу тақир-туқурни бас қил!
— Ўргилай нозингиздан!— Қоратой жилмайиб, ишдан тўхтади ва чолга тикилди.
— Мирзакаримбой уйланармиш, хабаринг борми, ғофил банда!— деди чол секингина.
— Менга нима?— деди бақрайиб темирчи.
— Шошма ахир, «берди»синй айтай. Кимга дегин, Ёрматнинг қизига!— Шокир ота, зикр тушгандай, бошини тебратди. Қоратой лабини тишлаганича, ерга қараб ўйлаб қолди.
— Йўлчига ачинаман, — деди чол,— ошиқлик йўлига кирганини билар эдим. Сан-чи?
Қоратой боши билан «ҳа» деди. Кейин бойни сўка-сўка сўради чолдан:
— Ростми, ким айтди?
— Биласан-ку, қампирим баъзи вақтда кинначилик қилади. Нима қилай, камбағалчилик-да... Кеча бойнинг набирасига кинна солгани чиққан экан, ўша ерда эшитиб қолипти. Бойларнинг тили мошиначининг қайчисидай ўткир бўлади; Ёрмат рози бўлипти. Мана ҳаш-паш дегунча никоҳи ҳам бўлиб қолар. Йўлчи қачон келар экан? Келганда ҳам нима қилади, бўз бола, камбағал.
— Ҳа, ноинсоф, ҳа, кўппак!— Қоратой бойни сўка бошлади.— Ифлос қарға! Гул ғунчасини орзу қилганга доғман! Ҳаммаси пул-да. Маст бўлган, шарми ҳаёни, одамгарчиликни унутган!.. Ҳали кеккайиб бозордан қайтади. Болға билан битта уриб, абжақ қилсанг, томоша қилсанг...
— Катта савоб бўлар эди-я, иложинг йўқ!— Шокир ота ҳассасига суяниб, ўрнидан турди ва тараддудланиб сўзлади:
— Йўлчи қишлоқдан келиб қолса, йўл-йўриқ кўрсатамизми, билмадим. Сан бир ўйлаб кўр-чи.
— Кошкийди Йўлчи шу ерда бўлса, у келгунча ишни битириб қўядилар!— деди-да, Қоратой оғир «уҳ» тортди.
— Уйла, Қоратой, ишқилиб Йўлчи боламга таянч бўл, ёлғизлатма, йигитнинг кўнгли бузилмасин, боши букилмасин!
Шокир ота бир нафас кўзига ёш олди ва «уҳ» тортди.— Эй бемаъни дунё! Қоратой, бир танга пул топиладими санда? Носвой йўқ, эртадан бери хумориман.
Қоратой боши билан «йўқ» деди. Лекин, ўз отаси каби севган шу ғариб чолга бир танга топиб беришдан ожиз бўлгани ўчун қаттиқ хафа бўлиб, носқовоғидаги носни бир қоғозга тезгина ағдариб, чолга тутди. Чол бунга ҳам хурсанд бўлиб, дуо қйлди. Сўнг, букик қаддини ҳассасига ташлаб, секин-секин жўнади.
Қоратойнинг юрагидаги ғазаб тўлқиин, Йўлчи ва қиз тақдири тўғрисидаги ташвиш ишлашга имкон бермади. У ишларини чала қолдириб, дўконхона юзига чий тутди...

III

Гулнор уч кунни жаҳаннам азобида ўтказди. Онасидан машъум хабарни эшитгандан бошлаб, тинмай йиғлади, қайноқ кўз ёшлари билан юз-кўзларини ювиб, қайғу алангасида тутақиб ёнди, суякларига қадар зирқираб оғрийди. Мирзакаримбойга хотин бўлиш унинг хаёлига бир лаҳза келган бўлса эди, бу фикр, чақноқ юлдузни силаб ўтган бир парча булут каби унинг кўзларига бир оз кўлка ташлаган бўлса эди, бу ҳолнинг бутун даҳшатига қарамай, Гулнор балки бунчалик ўртанмаган, бунчалик ваҳимага, саросимага тушмаган бўлар эди... Қиз ўз қалбини Йўлчига бағишлаган эди. Агарда бутун вужудиятини, бутун «мен»лигини у йигитнинг ишқи тўлдирмаган бўлса эди, камбағал қизларнинг бошидан, айниқса уларнинг гўзаллари бошидан, кўп вақт чаманларни барбод қилиб кечган дўл бўрони каби, бу даҳшатни, офатни, у эҳтимол, бир тақдир, бир зарурият, ўлим каби даф этилмас ҳодиса деб тушунар, балки, камтаринлик билан бўйнини буккан бўлар эди.
Гулнор нима қилсин? У яраларини кимга очсин? Остонадан ҳатлаб чиқишга ҳадди йўқ. Уйда ҳамма нарса унга ёт, ҳамма нарса кар, отаси бегона, ҳатто онаси ҳам бегона каби.
Ёрмат қўлини белбоғига қистириб, қандайдир бедана юриш билан юриб қолди. У куёв — хўжайиннинг юмушларини бажариб, уйга қайтганда хотинига шивир-шивир билан, ё имо билан гапиради. У сўзларкан, юзларига гоҳ дўқ, гоҳ ғазаб, гоҳ ялинчоқлик ёйилади. Унинг қўлларида бутун умрида ушламаган қоғоз пуллар шилдираб қўяди баъзан. Шундай қилиб, ота қизнинг кўз ёшларига тамом бепарво. У буни «узатиладиган қизларнинг шайтон йиғиси», деб тушунади. Она-чи? Биринчи кун қиз билан бирга йиғлашди. Лекин у тақдир темирини синдиришдан ожиз эканини тез англади. Эрининг раъйига қарши боришдан фойда йўқлигини билди ва кўникди. Унинг юраги ҳозир ҳам изтиробда, лекин у энди севикли қизининг кўз ёшларинн тиндириш учун, фақат насиҳат қилади, юпатади, отин ойи, эшон ойилардан эшитган «китоб» сўзларини гапиради. «Бу дунёда аламзада, дардкаш бўлган хотинларни тонгла қиёматда Биби Фотиманинг ўзлари жаннатга бошлар эканлар»...
Гулнор Йўлчининг хаёлий изига кўз тикди. Уни чуқур соғинч, интизорлик ва сабрсизлик билан кутади. Лекин у йўқ. Кетганига бир ҳафтадан ошди. Агар у келган бўлса, ўзини билдирган бўлар эди. Лекин баъзан ваҳима босади: «Балки қайтгандир, қайдан биламан? У ҳам, мен каби бечора, бир бурчакда ғам чекиб ётгандир... Йўлчи! У билан бир зум учрашса, унинг кўкрагига бош қўйиб, мард юрагини тингласа, унинг раъйини билиб, бу қопқондан кутулиш учун астойдил уринса!.. Фақат, Йўлчи қани? Унинг дарагини қандай суриштиради? Унда Йўлчи номини ёдлаш мумкин эмас, дадасига эмас, ҳатто онасига ҳам у энди Йўлчи тўғрисида бир сўз айта олмайди. Чунки Гулнор, онанинг назарида ҳам, энди «кишининг моли», Йўлчи — «биров»...
Гулнор ошхонада ўтираркан, онасининг ўз-ўзига қилган шикоятини эшитиб қулоқ солди: «Шўрим қурсин, кампир хотинни узатгандай, тўртта-бешта хотин билан бирга маликадай қизимни олиб чиқармишман, эшигимга карнай-сурнай билан, бир тўда йигит билан куёвим келса, устидан сочқи сочилса, куёвимнинг бошига жиға тақсам, деган орзуларим бор эди... Домла имом билан сўфи келиб, никоҳ ўқирмиш, ман ўлгур қизимни етаклаб, «ёр-ёр» йўқ, шовқан-сурон йўқ, сув қуйгандай, жимгина чиқармишман шўппайиб...»
Гулнорнинг юраги зир титради. У никоҳнинг яқин кунларда бўлишини англади, демак эркаклар ҳамма нарса тўғрисида ўйлаб, бир фикрга келишган, дадаси келиб унга сўзлаган!
Бир тутам қиш куни Гулнор учун битмас-туганмас узоқ кўринди. Яланғоч дарахтларнинг учларида уфққа ботган қуёшнинг нурлари титрайди. Атрофдаги ҳовлилардан кўтарилган тутунлар кўкимтир, майин мавж билан тиниқ, совуқ ҳавода сузади...
Гулнор ўчоқ бошида декчани қайнатиб, хомуш ўтирган онанинг ёнида чўққайди, унга тикилди, бутун вужудидаги дардини ифода қилган бир ҳаракат билан онага суқулди.
— Ойи, дадамга ялининг, шошмасин,— ёлвориб гапирди Гулнор,— ёлғиз қизининг орзусига ҳам қулоқ солсин. Йўқчилик ичида сиз билан яна бир оз яшай. Шу турмушимиздан, шу декчамиздан кўнглим сира узилмайди. Илгари ёмон кўрар эдим. Энди-чи? Энди шу чолдевор ҳовлимиз, шу тирикчилик кўзимга ҳар қандай бойларнинг серсавлат уйларидан яхши кўринади.
— Кошкийди, қизим, даданг сўзимга қулоқ соладиган эркак бўлса... Ҳар кирганда, бир нима топиб келади: эллик боши ундай деди, эллик боши бундай қил деди. Уҳ, ўлиб бўлдим.— Гулсумбиби сўздан тўхтади, қизига қараб хўрсиниб, унинг бошини силади.— Ойнага қарадингми? Уч кун ичида уч йилги касалдай бўлиб қолибсан. Куйма дейман-ку. Бу савдо ёлғиз санинг бошингда эмас. Биров ёшга тегади, биров... бошқага. Худо юлдузингни ўшанга тўғрилаган экан, чорамиз йўқ...
— Юлдузим қурсин, ойи, чақнамасдан ўчди, бошимга бало бўлиб тушди. Майли, ойи, сиз мани беш-ўн кун бағрингиздан айирманг. Орзум шу...— деди Гулнор.
Шу ерда она-бола узоқ йиғлашди. Ўчоқдаги ўтни секин-секин кул босди.

ЎН ИККИНЧИ БОБ

I

Вақт хуфтонга яқин эди. Йўлчининг тақачи ошнаси Қоратой оч қорнини бемаза мошхўрдага тўлдириб, тўққиз ёғочли совуқ уйда, танчада, кўзларини хира чироққа тикиб хомуш ўтирар эди. Унинг оёқ яланг, ярим яланғоч шўх болалари бир-бирини от қилиб миниб, кишнатиб, эски наматларнинг чангини бурқитиб, ҳар кунги каби, шовқин-сурон билан ўйнашар эди.
Қизғин табиатли темирчининг юраги шу кунларда ҳар соат янги бир ўй, мулоҳаза билан ҳовлиқар, ишида ҳам бирон тартиб қолмаган эди. У бойнинг уйида кечган воқеалардан хабардор бўлиб туриши учун, Шокир отанинг кампирини тайинлаган. Пишиқ, сўзамол кампир ҳар хил баҳона топиб, кунда бир-икки марта бойникига кирар, келинларни ўсмоқчилаб гапга солар, эшитганларини эрига сўзлар, чол эса дарров Қоратойга етказар эди. Шундай бўлса-да, никоҳнинг қачон бўлишини аниқлай олмаган эди. Аммо бунинг сингари тўй-никоҳларнинг «енг ичида», биров билиб, биров билмайдиган бир йўсинда бўлишига ишонгани учун, ташвиши зўраяр, ҳовлиқар эди. Мабодо тез орада никоҳ бўлишини эшитса, ўз хотини орқали қизнинг раъйини билиб, уни Йўлчи қишлоғига, ё бошқа томонга олиб қочиш йўлларини ҳам ўйлаб қўйган. Аммо, Йўлчининг қандайдир бир темирчи ўртоғининг сўзига (гарчи бу сўз қанча самимий ва тўғри бўлмасин) қизнинг ишонч ҳосил қилишига шубҳаланганидан, у тадбирдан воз кечарак, эртага қишлоққа жўнаб, ўз дўстини илдам олиб келишни мулоҳаза қилар экан, ҳовлидан кирган хотини:
— Эшик тақиллади, чиқинг,— деди.
У Йўлчини бошлаб кирди. Йигитни ҳовлида қолдириб, хотинига айвонда ўлтиришга буюрди, болаларини тинчлатиб, кейин Йўлчини чақирди. Йўлчи танчанинг икки томонидан кўзларини жавдиратиб қараган гўдаклар қаторига ўтирди. Унинг гавдасига, елкаларига, жасур боқишларига болалар ҳайрат ва қизиқиш билан узоқ тикилар, беш яшар Турғунбой ширин гўдак тилида:
— Сиз зўрми, дадам зўрми? —деди-да, уялиб бошини танча кўрпасига яширди.
— Даданг зўр, жиян,— Йўлчи кула-кула боланинг елкасига қоқди.
Қоратой қишлоқ аҳволи, Йўлчининг укалари ва ҳокази тўғрисида сўзлашиб, танчадан чой олди, дастурхон ёзиб, арпа унидан ясалган тошдай қаттиқ иккита нон қўйди. У Йўлчининг ҳозиргина қишлоқдан қайтиб, синглисини ҳўжайинникига қўйиб, бу ерга ҳангамалашиш учун келганини билгач, йигитнинг кўнглини паришон қилишга ботинмай, анча вақтгача қийналди. Лекин, воқеани айтмасликнинг иложи йўқ эди. «Ўзига ташлаб қўйсам, бу ишдан балки мутлақо хабарсиз қолар, эртага далагами, ё бошқа ишгами жўнатилар. Бундай бўлмаган тақдирда, барибир, бу кун бўлмаса эрта билдиришга тўғри келади-ку», деб ўйлади темирчи.
У катта ўғлини имо билан онасининг ёнига, айвонга чиқарди. Кичиклари эса танча атрофида бирин-сирин чўзилишиб ухлаб қолишди. Фақат, биттасигина қора кўзларига кирган уйқуни киприклари билан қувмоқда эди.
— Ука,— Йўлчига қараб деди темирчи,— сени кута-кута эсим кетди. Эртага қишлоғингга жўнамоқчи эдим. Яхшики ўзинг етиб келдинг...
— Ўн кун ичида шунча соғиндингизми, ё бошқа бир...
— Соғиндим,— Йўлчининг сўзини кесди Қоратой, сўнг муштини курсига тираб гапирди,— кейин, оз-моз чатоқлик чиқди. Сенга тегишли, аммо... сен темирдай чидамли йигитсан, бу чатоқликка бардош берасан-да. Бошида чақилган чақмоққа бардош берадиган йигитни роса йигит дейман.
— Кўрамиз, қандай чатоқлик экан,— жиддийлик билан жавоб берди Йўлчи.
Қоратой бир оз ўйланиб, боши қизиган каби, дўпписини курсига олиб қўйди ва унга зўр диққат билан тикилган йигитга сўзлаб кетди.
— Сан, оти нима, Гулнорни севасан, а? У ҳам сани севади. Шундайми? Мисоли Тоҳир-Зуҳро... Қарабсанки, қизил билан оқ гул ўртасидан чақиртиканак ўсиб чиқяпти. Тушуниб олавер ўзинг!..— Темирчи ғамгин ҳолда бошини қуйи туширди, бир нафасдан сўнг кўз учи билан йигитга қаради. Йўлчи аввалги вазиятда бўлса ҳам, қўлидаги пиёла дир-дир титрар эди.
— Дадил бўл!— бирдан қичқирди Қоратой.
— Аниқми?—Йўлчининг овоэи, қандайдир, ғайритабиий бўғиқ чиқди.
— Аниқ.
Йўлчи пешанасини қўли билан қисиб, ерга қараганча, секин сўради:
— Ким экан у? Тушунтиринг.
— Бой тоғанг уйланмоқчи!—Қоратой ўзини тутолмади, бойни сўкиб оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошдади.
Йўлчи эгилди, кўзларида аллақандай ғазаб чақнади, юзининг гўштлари тиришди. Икки қоши ўртасидан бош томонга тик кетган томир ўрта бармоқ йўғонлигида бўртиб чиқди.
— Зулм, хўрланиш, ҳақорат шунчалик бўлар, Қоратой ака! Бундан ортиғини каллам сиғдирмайди,— ғазабдан титраб гапирди Йўлчи,— Гулнорни севишимни биларди-я, пес чол...
— Билармиди?—Йўлчининг сўзини кесди ҳайратланиб Қоратой.
— Билар эди,— деди Йўлчи,— бу ёз пахтани кўриш учун хўжайин чиқиб борди. Далани айлантирдим. Кўради-ки, ҳосил жуда мўл. Ҳар тупда кўсаклар маржондай... Жуда хурсанд бўлди. Елкамни қоқди: Ёрмат ҳам мани мақтади, Кейин хизматкорлар, мардикорлар билан бирга ўтириб чой ичди. Қизиқ гаплар билан ҳаммани кулдирди. Тулкидай қув эмасми? Ҳуши келганда, хизматкорлар билан аския ҳам қилиб қўяди у. Менга ҳазиллашди: «Йўлчи, деди, атрофингда қозоқлар кўпайди, қизлардан бирини танла, ўланини эшитиб ишлайверасан» деди. Мен дедим: «Ўз севганим бор экан, атрофга кўз олайтираманми?..» Кўзим билан дарров Ёрматни ишорат қилдим. Бой тез фаҳмлади-да, «шундайми, жиян» деб кулди. Мана бу бир. Куз пайтида кечқурун Гулнор билан боғнинг бир чеккасида сўзлашиб ўтирганимни ҳам кўриб қолганди. Билади у ит. Тавба, унинг бу аҳмоқчилиги тушимга ҳам кирмаган эди. Калласини олмадай учирсанг...
— У жуда инсофсиз бой,— деди темирчи,— аммо, суриштирсанг, ҳамма бой бир текисда инсофсиз. Тўғри одам бой бўлмайди шекилли, ман ўзим шу фикрдаман.
— Дунёси бор, булар одам! Аслида ҳаммаси бир чақага арзимайди!— деди-да, Йўлчи жаҳл билан ўрнидан турди.
— Шошма,— Йўлчининг қўлидан ушлади Қоратой,— энди нима қиласан? Ҳаракатингни қил, ман сан билан...
— Албатта,— муштини сиқиб деди Йўлчи,— Гулорнинг кўнглидан шубҳам йўқ. Лекин, ким билади, ота-она сиқиғи остида балки кўниккандир.
— Нима қиласан, айт!— сабрсизланди Қоратой.
— Гулнор нима ўйлайди, буни билиш керак. Шунга қараб... лекин қандай гаплашаман, ё қандай қилиб фикрини биламан, жилла бўлмаса!—оғир хўрсинди Йўлчи.
— Бу маъқул...— ўйлаб, жиддий равишда гапирди Қоратой,— сан бундай қил, ҳозир бориб ёт, чарчагансан, вақт ҳам алла-палла бўлиб қолди. Эртага синглингни Ёрматникига киргиз. Сани яхши кўрган қиз, синглингга ҳам яхши муомала қилса керак. Синглинг қиз дилини билиб чиқснн. Хўп деса, тил бириктириб, бир кечада ура қочасанлар! Агар қиз мужмал жавоб берса, у вақт қўлингни силтайсан-да, юраверасан!
Йўлчи индамади. Пиёлада совиб қолган чойни симириб, уйдан чиқар экан, пешанасини эшик тепасига қаттиқ уриб олди.
— Ҳовлиқма, зимдан иш юргиз!—секингина сўзлаб, ҳовлида қолди Қоратой.
Кечанинг тим қорасида юлдузлар ёрқин ёнади. Ҳамма ёқ жимжит. Тун совуғи билан қотган лой оёқ остида синиқ шиша парчаси каби, қирс-қирс ушалади. Йўлчи қоронғи кечада борар экан, бутун ғариблигини, юрагидаги қайғу гирдобининг бутун оғирлигини яна чуқурроқ туйди. Гўё, ҳамма бахтсизларнинг, ҳамма эзилганлар ва таҳқир этилганларнинг чиройли хаёлга, орзуга ета олмаган, юрак қони, кўз нурлари билан ундирган чуқур муҳаббатнинг гулларини узолмаган ҳамма ғариб, қашшоқ йигитларнинг муқаддас ғазаби унинг кўксида тўплангандек бўлди. Йўлчини даҳшатли бир куч эгаллади: инсофга, адолатга, ҳақиқатга ёт бўлган бу ҳаётни, замонни, ҳамма нарсани оёқлари остида эзса, йиқитиб ёқса!
Вақт-соат ўн иккига яқинлашган. Бойникига, хизматкорхонага боришни истамади. Умуман Мирзакаримбой уйи Йўлчи учун турмадан хунукроқ кўринди. Уч қиш қишлаган у хизматкорхона, у чирик намат, чирик кўрпа, у синиқ чойнак, у бемаза овқат, у совуқ, у лах — чирик ҳаво ёлғизгина Гулнорнинг хаёли, унга эришувнинг илиқ умиди билан безалгани учун, Йўлчига ширингина сезилар эди... Энди-чи!
Йўлчи мачитнинг жиловхонасидаги супачага ўзини ташлади. Бошини қўллари орасига олиб, Гулнор хаёли, ишқ изтироби бидан ёниб ўтирди. Бир оздан сўнг, яна бирдан ўрнидан турди. Унинг юраги Гулнор уйига интилди. Кўз ёшли, уйқусиз инграган қизни ўз бағрига қамаган у уйни кўриш, деворларини ўпишни истади. Жиловхонадан чиқиб, бир неча одим юргач, қаршидан, қоронғилик ичидан кескин, ҳаяжонли товуш эшитилди:— «Ким?»
Йўлчи чўчиб уйғонган киши каби, кўзларини катта очди.
— Ман, Йўлчи,— йигит тўхтади.
— Қачон келдинг? Бу қандай гап?— ҳаяжон билан сўзлади Ёрмат ва Йўлчига жипс тўқнашиб, шубҳали тикилди.
— Шом вақтида келдим,— деди Йўлчи,— нега мунча ҳовлиқасиз, нега мунча ташвиш?..
— Юришинг бежо... Нақ кўрасан,— дағаллик билан бўғилиб гапирди Ёрмат, сўнг «уҳ» тортиб, кўзлари қоронғиликдан кимнидир қидирди.
— Ёрмат ака, мандан нимани яширасиз? Қийнаманг кишини...— Йўлчи ялинди. Ёрматнинг совуқ, қалтироқ қўлларини ушлади.
— Эсимни йўқотдим. Худой урди мани! Йўлчи, рост айт, ҳеч ким кўринмадими? Сан ўзинг нима қилиб юрибсан? Қўлимни қўй...
Йўлчининг гумони ортди. Ёрматни қучоқлаб, ҳаяжон билан сўради:
— Нимага довдирайсиз? Айтинг ҳозир!
Ёрмат тараддудланиб, сўнг йиғи аралаш питирлади:
— Қизим йўқ.
— Қачон? Нимага?— Йўлчи сесканиб, икки қадам орқага чекинди.
— Ман Салимжонни... йўқ, эҳ... Ҳакимбойваччани вокзалга олиб чиқдим. Фарғонага жўнатдим. Бир соат бурун уйга келсам, ҳеч ким йўқ. Эшик ланг очиқ. Ҳайрон бўлдим. Бир оздан кейин Гулсум опанг чиқди. У хўжайинникида юмушда экан. Қизинг қани, дедим. «Уйда эди, қаёққа боради», деди. У ёқни қарадик, бу ёқни қарадик — йўқ. Шу қоронғида қаёққа боради? Йўлчи, рост гапир, сан... билмайсан, а?
— Бу қандай бўҳтон!— зарда билан қичқирди Йўлчи.
— Ғазабланма, ҳазил гап эмас. Ёлғиз қизим-а. Қаёққа йўқолади!
— Бу қандай бўҳтон,— Йўлчи мачитнинг темир панжарасига суялиб, гўё қотиб қолди. Ёрмат Йўлчининг енг учидан тортиб силтади ва унинг қулоғига оғзини қўйиб деди
— Зинҳор оғзингдан чиқарма, қаттиқ хафа бўламан.— Йўлчи тилсим каби, ғайри шуурий равишда бошини чайқади ва аввалги вазиятда қотди...
Ёрмат қоронғида йиқилиб-сурилиб бирпасда эллик бошининг уйига келди. Муштуми билам дарвозани қаттиқ ва асабий равишда ура бошлади. Зарбдан оғриқ суякларига ўтгунча урди. Ҳовли ичкарироқ бўлганидан, ҳамма ухлаб қолганидан, дарвозанинг оғир гумбурига ичкаридан ҳеч ким чиқмади. Ёрмат совуқ лой ва қатқалоқларни қоронғида қўллари билан тимирскилаб, ниҳоят, бир тош топди, бу билан дарвозани қаттиқ ураверди. Бир неча минутдан сўнг, дарвозанинг тирқишларидан шуъла силжиди. Ёрмат уҳ тортиб, енг учи билан пешана терини артди. Эллик боши уйқули товуш билан «ким» деб қичқириб жавоб олгандан кейин, занжирни «шақ» этиб туширди, дарвозанинг бир тавақаси қия очилди. Ёрмат йўлакка кирди. Эллик боши елкасига ташлаб чиққан узун, вазмин пўстинининг икки арайишини бир қўли билан тутиб, иккинчи қўли билан шишасиз, тутовчи кир лампани қийшиқ ушлаган ҳолда, мудроқ кўзларири Ёрматга тикиб сасиди.
— Бу нима шовқин? Ярим кечада...
Ёрмат узр сўраган каби, лойли қўлларини қовиштириб бирдан йиғлаб юборди.
— Шўрим қайнади. Олимхон ака, нимасини сўрайсиз. Қизим йўқолди. Қаёққа учди, билмайман...
— А?— Олимхоннинг кўзлари очилди. — Гапир-чи, қандай қилиб йўқолади?..
Ёрмат ҳамма нарсани, тартибсиз бўлса ҳам, лекин муфассал айтиб берди. Эллик боши «ҳим-ҳим» деб кўзларини ерга қадаб тинглади, кейин лампани Ёрматга бериб, пўстинга яхшироқ ўралди, бармоқларидаги узукларини дуруст ўрнаштириб, Ёрматдан сўради:
— Қизинг йиғлардими, норозимиди?
— Йиғларди. Ҳамма қизлар эрга тегиш олдида бир-бир йиғлаб олади-ку. Биби Фотимадан қолган мерос-ку.
— Ҳар хил йиғи бўлади,— жаҳл билан деди эллик боши. Ёрмат ёшли кўзларини милтиратиб, ўкинч билан бошини тебратиб турди.
— Хўш, кимдан шубҳаланасан?—деди эллик боши. Ёрмат бу саволга қандай жавоб беришини билмай, ўйлаб қолди.
— Қизингни ё биров олиб қочган, ё биров билан тил бириктириб ўзи қочган. Кимни мўлжаллайсан?
— Жуда қийин,— деди Ёрмат,— ким билади... ман дастлаб Йўлчидан шубҳаланган эдим. Танийсизми, хизматкор йигит? У қишлоғига кетганди, бу кун келган экан. Лекин унга бир нима дейиш оғир. Кейин уялиб қолман, дейман...
— Нимаси қийин?— ўдағайлади эллик боши,— бу ишни у бажармаганини қандай биласан? У йўқ экан, бугун келипти, дарров шу воқеа юз берибди. Сан унга ҳеч нима дема, аммо юриш-туришига разм сол!
Ёрмат лойли қўли билан кўз ёшини артди, бурун сувини «пиқ-пиқ» тортиб гапирди:
— Манга шундай кўринди. Балки, удир, ким билади. Кишининг дилини билиш ўнғай эмас,— бир нафас тўхтаб эллик бошига ялинди— Ман ғарибга йўл кўрсатинг. Кимга арз қилай, қандай қидирай? Ёлғиз қизим — кўзим, кўнглим ҳаммаси у эди,— яна кўз ёшлари соқолларига қуюла бошлади.
— Дод-войнинг кераги йўқ,— деди қатъий эллик боши,— бу сирни дилингга туг. Уч-тўрт кун ичида дараги чиқиб қолади. Ўликми-тирикми, билармиз. Ман ҳам қараб турмайман. Аммо, сўз тарқалмасин, айт, хотниинг тилини қиссин. Хўжайинлардан ҳеч бирига сир бермай, уларга бир хил сўзла: қизим ўйнаб келиш учун бир ўртоғиникига кетди, вассалом. Уқдингми? Кимда гумонинг бўлса, уни кўздан қочирма, изига туш! Жўна, эртага келасан...
Қўрқинчли хаёллар, ваҳималар билан тўлган Ёрмат қоронғиликка шўнғиди.

* * *
Гулнорнинг ғойиб бўлиши Йўлчига яшин урган каби таъсир кўрсатди. У ҳушсизлангандай, анча вақтгача қо-тиб қолди. Лекин қулоқлари остида қаттиқ янграган қоровул шақилдоғи уни сескантирди. У ҳазилкаш қоровулнинг аскияларига кескин қўлини силтаб, секингина жўнади.
Ёрматнинг эшиги ҳар вактдаги каби ёпиқ. Ҳовли ичидан ҳам ҳеч қандай товуш эшитилмайди. Бу нарса Йўлчи кўнглини яна чуқурроқ эзди. Гап-сўз бўлишидан қўрқиб дардини ичига кўмган бу фақир оилага ачинди, уҳ тортди. Гулнорнинг ёди, қайғуси билан атрофда тентираш учун кетди. Қизнинг йўқолишини ўйлай-ўйлай, турли эҳтимоллардан иккиси ўртасида қолди: мендан дарак бўлмагач, ё мен билан учрашувга ва бир умр топишувга умиди узилгач, Мирзакаримбойга тегишдан ўлимни афзал билган. Сувгами, чуқургами ўзини ташлаш, ё бирон холи жойда ўзини бўғишга қулай фурсат топиш учун, ўзини тун қучоғига отган. Бу эҳтимол унинг бутун борлиғини заҳарлайди, кеча оғушидан қўрқинчли хаёллар, фоже манзаралар чиқиб, атрофини қуршайди. Иккинчи эҳтимол: Гулнорни олиб қочганлар. Жиноятчи чиркин қўллар бор. Улар ким? Қайси мақсад билан бу жиноятни бажарадилар? Буни билмайди, ўйлаб-ўйлаб тагига етмаиди. Аммо, бу эҳтимол унинг томирларидаги ғазабли, кинли, золим кучки тўлқинлатади. У жиноятчи қўллар чуқур тилсим ичида... Кошки бирон аломатини кўрсатса, улар юзларча қўл булсин. Йўлчи улар билан ёлғиз курашажак, бўғишажак!..
Чуқур қайғу, ҳадсиз кин билан Йўлчи бир неча маҳаллани айланиб чиқди. Баъзи бир каллакесар, муттаҳам йигитларнинг жойларидан ўтаркан, ҳар нарсага разм солди, ҳар товушга диққат билан қулоқ солди.
Кечанинг совуғи, изғирин кучайди. Бадани совуқдан муз кесилди. Чарми тошдай эски этик ичида оёқлари жонсизланди. Лекин у бир зум қўнмасдан тентирайверди. Бир бурда сариқ, совуқ ой хира нур тумани сепди. Йўлчи санқиб юриб, анҳор ёқасида тўхтади. Сув шувиллаб, қандайдир сирли, ваҳимали кўриниш билан оқади. Унинг қорамтир ойнасига қирғоқдаги юпқа муз парчаларида ойнинг олтин нури йилтирайди. Сув ёқалаб ўсган ялонғоч дарахтларнинг бутоқ-новдаларида совуқ шамол шивиллайди. Йўлчи сувнинг совуқ тўлқинларига узоқ тикилди. Бошида, тўсатдан бир ваҳм, қўрқинчли бир фикр уйғонди: «Уни ўз уйидан ким олиб қочади, нега олиб қочади? Бу жуда мушкул. Гулнор шу анҳорга ўзини отмаганми?!» Анҳор узоқ эмас. Ҳар кун деярли ўзи от суғоришга келган бу анҳор, ҳозир унга даҳшатли бўлиб кўринди, гўё унинг қалбини, умид ва орзуларини бу анҳор ютган.
Йўлчининг кўзларидан қайноқ томчилар юмаланди. У жинниларча ўз-ўзи билан гаплашиб, анҳор ёқалаб анча вақт тентиради. Атрофидаги хўрозларнинг, муаззинларнинг қичқиришлари эшитилган чоқда, темирчинигг уйига жўнади.
Тантибойвачча нонуштадан сўнг почапўстинга ўралиб кўчага чиқди, бозор томонга қараб бир оз юргач, бугун жума эканини хотирлади. Салимбойваччани уйдан топиш учун қайнатасиникига жўнади. Бойнинг маҳалласига кираркан, қаршисидан Олимхон эллик боши чиқди. Илгаридан таниш бўлгани учун салом-алик қилиб кўришди. Эллик боши жилмайиб, унинг қулоғига шивирлади:
— Бойвачча, андак мусоида қилинг, қулингиз бўлай. Нозик гап бор,— Тантибойваччанинг қўлидан ушлаб, ўз уйи томон судради.
Тантибойвачча болохонага чиқишни истамади. Олимхон дарвозани ёпди, узун йўлак қоронғиланди.
— Олимхон ака, эшитайлик,— деди Тантибойвачча. Эллик боши бойваччанинг елкасига қўлини қўйиб секин гапирди:
— Биз бой отангизга Ёрматнинг қизини олиб бермоқчи эдик, хабарингиз борми?— бойвачча боши билан «ҳа» ишорасини қилгач, у давом этди:—Ҳамма иш битганда икки-уч кун миёнасида, енг ичида никоҳ ўқитмоқчийдик. Лекин кечаси қиз бирдан ғойиб бўлипти. Билмадим, кўкка учдими, ер тагига кирдими! Бу воқеани бой отангиз билса, жуда хафа бўладилар-да!
— Ё Олло, бу Қандай машмаша! Ўз уйида ўтирган қиз бир кечада ғойиб бўлсин, тавба! Жуда хунук иш, Олимхон ака.
Эллик боши бойваччадан кўзини узмасдан сўзлаб кетди:
— Ҳозирча, иним Мирисҳоқ, бу сўз махфий қолсин. Аммо сиз манга ёрдамлашинг, қаерда бўлмасин, қизни топишга бел боғлайлик. Сизнинг тахминингизча, калиди қайси қўлда бўлади?
Тантибойвачча олазарак бўлиб елкасини қисди ва ерга қараб деди:
— Биз авлиёмизми? Қаерда эканини айтиш жуда мушкул, Битта-яримта хуштори бўлса, у билан бирга вақт ғаниматда бирон шаҳарга қочиб қолдими. Ҳозирги замон қизлари — бари ўзбошимча. Қадимги боадаб қизлар қаёқда дейсиз.
— Бир гумоним бор, уни ёлғиз сизга айтаман,— деди жиддийлик билан эллик боши.— Биласизми, Салимбойвачча бу ишга қаттиқ норози бўлган эди. Сабаби маълум, яъни бой унинг таклифини рад қилди. Шу хабарни бойваччага билдирган вақтимда у жуда аччиқланди, манга қараб: «Дадам шу қизга уйланмайди, мана кўрарсиз!» деди. Шу нарсани мулоҳаза қилиб гумоним ортади. Билмадим, балки пуч гумондир. Шайтоннинг васвасаси-да....
— Салимбойваччадан қилча шубҳаланманг,— қатъй равишда деди Тантибойвачча,— унинг кўнгли оқ. Тўғри, бой отам мол-мулкини ҳужжатлаб беришдан бош тортгандан кейин, Салим ғазабланди, болалик қилиб пақиллади. Ман унга насиҳат қилдим. У дарров кўнглидан гина-кудуратни олиб ташлади. Бойваччадан сира шубҳа қилманг, хафа бўлади. Хўп, ман кетдим. Олимхон ака, сиз чора кўраверинг, қараб турманг. Ман ҳам ёрдамлашаман. Чолни ўкситмайлик. Хунук иш бўлибди. Хайр.
Тантибойвачча қўлини кўксига қўйиб, эшикда қолган эллик боши билан хўшлашиб, илдам юриб кетди.
У бойнинг ҳовлисига кириб, тўппа-тўғри Салимнинг уйига отилди. Уй ичида ёлғиз Нури ўтирар эди. У поччасининг тагига кўрпача солиб ўтқазди ва танча ёнига чўққайиб, акаларидан, дадасидан ва ҳоказолардан шикоятланди. Тантибойвачча унга таскин беришга тиришди, ўз уйига жўнаш кераклигини, бу ерда қолса, ўзини беҳуда хафа қилишини сўзлади. Нури поччасининг сўзларига эътибор қилмагандай, ўрнидан турди, токчадан ёнғоқдай юмалоқ бир нарса ва бир талай игна олиб, тик турган ҳолда, ҳалиги юмалоқ нарсага игналарни санчаверди. Тантибойвачча унинг ҳаракатига ҳайратланиб тикилди.
— У нима?
— Буми?— заҳарханда қилди Нури ва «ишини» давом эттириб, тушунтирди.— Бу Гулнорнинг боши. Гулнорни мия оғриқ билан ўлдираман! Жони ҳам, боши ҳам метин экан, шунча санчаман, Гулнорга бало урганини эшитганим йўқ. Ҳали бир болани чиқардим. Гулнор касалми, ё аввалгидай соғми, билиб кел, дедим. Бойга тегишига қувонганидан, аллақандай бир ўртоғиникига ўйнагани кетипти... Ўртоғи ким бўларди, ўзига ўхшаш бир чўри-мўридир-да!
— Ўйнагани ғанимат! Дуруст,— Тантибойвачча лабида кулгисини базўр яшириб деди: — Нури, бундай иримлардан нима фойда чиқади? Ҳам эшитган қулоққа яхши эмас. Салим қайда, чақиринг.
Нури ўз сеҳрини чўнтакка солиб, кимниднр қарғаб, эшикка чиқар экан, Салимбойваччанинг ўзи кириб келди. Поччасини кўриш билан синглисини жўнатди, эшикни маҳкам ёпиб, дераза орқали ҳовлига кўз ташлаб, сўнг ўтирди. Унинг қовоғи солиқ ва ҳаракатларида нотинчлик сезилар эди.
— Юракни дадил қилинг,— деди Тантибойвачча секинлик билан,—бу нима ҳовлиқиш? Бу башара, бу юриб-туриш билан сирни ошкора қилиб қўясиз. Иш жуда соз бошланди, энди охиригача силлиқ кетсин. Бунинг учун биринчи галда дадиллик керак! Ҳозирдан бошлаб баъзилар сиздан гумонсираб қолипти...
Салимбойваччанинг ранги оқариб, кўзлари қўрқувдан бир лаҳзада жонсизланди. Титроқ лаблари билан сўради:
— Ким гумон қилади?
— Олимхон эллик боши... Салимбойваччанинг нафаси кесилди. Бошини икки қўли орасига олиб жим қолди.
— Уники гумон. Қўрқманг, Салим. Гумон бошқа, ишнинг устидан чиқиб, ёқа бўғиш бошқа,— деди юпатиб Тантибойвачча ва Олимхон билан мумкин қадар учрашмаслик, тасодифан учрашилганда, бу ҳақда сўз чиққанда, ғоят дадил бўлиш, ачиниш, таассуф билдириш кераклигини ўргатди. Сўнг Салимбойвачча ўзини бир қадар сокин ва дадил тутишга ҳаракат қилди. Эшикка ва дераза орқали ҳовлига аланглаб, кечаги сирини шивирлади:
— Мана шу ердан қочиришда сир очилиб қолармикан, деб жуда қўрққан эдим. Лекин жуда қулай фурсатда иш кўрдик. Қиз ёлғиз. Ҳамма ёқ жимжит, қоронғи, одамларингиз жуда чапдаст экан. Қойил қолдим. Юлдузни бенарвон урадиган йигитлар ўшалар. Уларда шошилиш йўқ. Ҳовлиқиш йўқ. Тавба! Почча, энди катта таҳлика ўтди. Дадамдан ўчимни олдим. Гулнорга ошифта бўлган чол, кейинчалик мендан хафа бўлмасин, бизнинг шартимизга кўнмади. Мен шундай ўйлайман. Мана жазаси, ўчимни олдим. Почча, энди қизнинг овозини ўчирасиз, иложи бўлса тездан йўқотасиз.— Тантибойвачча мўйловини бураб, кўзларини бир нуқтага тикиб, бир қанча вақт ўйлади. Кейин секингина, гўё ўз-ўзига сўйлаган каби, деди:
— Тирик ўлдирамиз-ку... бир кунмас, бир кун, ахир овози чиқиб қолади-да!
— Сира овози чиқмасин!— қатъий талаб қилди Салимбойвачча.
— Салимжон, бу иш жуда қийин, Аммо бажараман. Шу билан бирга сизга ҳам бир шарт қўяман.
— Тушунмадим, қандай шарт бўлиши мумкин?—бақрайиб сўради Салим.
Жиддий ва қатьий жавоб берди Тантибойвачча:
— Шарт шу: бундан кейин ҳар хусусда ман билан яктан бўлиб ишласангиз, сизнинг қошингизга бир зарурият юзасидаи келсам, талабимни ўрнига қўйсангиз... дурустми?—Танти қўлини узатди. Салимбойвачча шартнинг маъносини дарров англади. Ноилож унинг қўлини сиқди. Мана шу онда у ўзининг бутун эркини поччасига топширганлигини, дадаси ва бошқалар олдида ўз жиноятининг очилмаслиги, шарманда бўлмаслиги учун, Тантибойваччанинг ҳар қандай талабларини, биринчи галда, албатта, ақча талабларини сўзсиз бажаришга мажбурлигини, қордан кутулиб, ёмғирга тутилганини англади. Бу нарсани илгари уйламагани учун, афсус қилди. Лекин, энди ўкинишнинг фойдаси йўқ эди. Ранги ўчган, қалтираган Салимбойвачча болаларча ялинди:
— Сиз ёлғиз поччам эмас, ҳам дўстим, ҳам отамсиз, ҳамма вақт ишимиз бир.
Тантибойвачча мағрур ва мамнун бир вазият олди, лабига папирос қистириб, тезда ўрнидан турди ва Ёрмат томонидан шов-шув кўтарилмагунча, жим туриш кераклигини Салимга уқтириб жўнади.
У кўчада ғоят мамнун ҳам ҳар вақтдагидан кеккайиброқ юрди, чунки у ўзини катта зафарга эришган ҳисоблади. Салимбойвачча энди унинг қули. Бундан ортиқ зафар бўлиши мумкинми? Салим унинг қопқонига ўз хоҳиши билан кирди. Аввалги кун кечқурун Салим унинг уйига бориб, дадасидан шикоятланди. Чол унинг шартини қабул этмаганини ва бунинг устига бутун меҳмонхонани бошига кўтариб ўғилларини сўкканлигини сўзлади. Кайфи тарақ Тантибойвачча Салимни юпатиш учун ичкиликни мўл ичирди. Салимнинг ғазабига мастлик қўшилди. Дадасидан ўч олмоққа тайёр эканиии билдирди. Тантибойвачча Гулнорни олиб қочиш кераклигини мастлик дадиллиги ва мантиқи билан тушунтирди. Ғазабланган Салим бир минут ўйланмасдан бу таклифни қабул этди. Унга қарашли икки муттаҳам йигит кеча кеч Салимнинг кўмаги билан қизни хамирдан қил суғургандай жимгина, қулайгина ўғирлаб чиқди... Тантибойваччадан нима кетди... «Эрта-индин бойваччадан ўн минг сўм оламан—векселга қўл қўйса бас. Унинг имзоси — нақд пул», деб Тантибойвачча қувониб бораркан, ногаҳон кўзи кўчада қаёққадир кетаётган Ёрматга тушди. Унинг бетини кўрмаса ҳам, дардини, ҳасратини унинг юришидан, елкасидан сезди. Юрагининг чеккаси чимчилангандай туюлди. Ихтиёрсиз равишда кўзларини бошқа ёққа бурди: «Ҳаммадан шу камбағалга қийин, нафсиламрда қийин. Ўзи чакки одам эмас. Бир мусофир, ғариб... Боланг кўз олдида ўлса йиғлайсан, додлайсан, ер бағри қаттиқ, ахир кўникасан. У боёқишнинг нуридийдаси, етилган қизи бирдан ғойиб бўлсин... ўликми, тирикми, бир умр билмасин... Бундай яшашдан жаҳаннам азоби минг марта енгил. Ёрматнинг қўлидан етаклаб, қизи олдига тўғри бошлаб борсам, ол қизингни, лекин, буни бир сан бил, бир Олло билсин, бошқа ҳеч ким, жўна десам...» ўйлаб кетди Тантибойвачча. Аммо унинг юрагида бу ёруғ фикрни бир зумда бошқа орзу — тама қораси босди, ҳалиги учқун юракнинг қора ўпқинида дарров сўнди. Чунки Ёрматнинг қизи унга беҳисоб текин пул манбаи очган эди. Салимбойваччанинг елкасига миниш учун Гулнор қурбон бўлиши керак. Бундан ташқари, Гулнор каби, одамларнинг таърифига қараганда, чиройли қиз билан кўнгил қонгунча «суҳбат» қилиш орзуси ҳам унинг кўксини ёқди. Гулнорни қочириш тўғрисида таклиф қилганда, биринчи галда шу мақсадни кўзлаган эди у. Савобнинг эшиги кўп дейдилар. Бу бўлмаса, бошқа бир эшикка кириб чиқармиз. Масалан, мачитга гилам олиб бериш. Бунда кишининг номи ҳам чиқади, деб ўйлади-да, қадамини илдам босиб, Ёрматни орқада қолдирди. Чорсуга келди ва чойхоналарнинг бирида чилим тортди. Уйга қайтишни истамади, лекин гапга боришга ҳали вақт эрта эди. Бир нафас анқайиб, Жондор вагончиникига жўнади.
Жондор вагончи уни ўз ташқари ҳовлисида, иморати шу йил ёзда бошланиб, қиш келиши билан бир қисми қолган катта ҳовлининг меҳмонхоналаридан бирида кутиб олди. У баланд бўйли, пешанаси тор, ўткир юзли, бети ҳам соқолидай қоп-қора киши: кийимлари, замонга кўра бир қадар «фасонроқ» эди. Тантибойвачча у билан бир йилдан буён қалин дўстлашиб, ҳар ҳафта улфатчилик қилишга бошлаган эди.
Жондор вагончи илгари бойларнинг югурдаги бўлган, камбағалгина одам эди. Нари борса шу икки йил мобайнида гуриллаган бойликка эга бўлди, йирик ғалла савдоси билан машғул бўлгани учун вагончи деб аталди. Уруш вақтида ғалла нархининг тобора кўтарилиши, халқнинг нонга зор бўлиши Жондорнинг бойлигини ва номини кун сайин оширди. Унинг ишларидан яхши хабардор яқин дўстлари, уни ўзаро «урушбой» деб аташар эди. Жондор вагончи икки йил ичида катта боғлар сотиб олди, шаҳарда ички-ташқи ҳовли бино қилди. Йиртиқ-ямоқ кийим билан ўсган ўғиллари шайтон арава (велосипед)да учиб, атроф маҳалла болаларининг кўзларини ўйнатди. Отаси кал Ёдгор ўлганда, жасад то мозорга етгунча, учраган одамга ярим газдан оқ сурп «йиртқич» улашилди. Ўрис тўралари билан алоқаси кучайди. Донгдор мусулмон бойлари, бойваччалари билан улфат қурди. Унинг уйида ҳар кунда бўлмаса ҳам, ҳар уч кунда бир семиз қўй сўйилганидан имомлар, эшонлар хира пашшадай, унинг даргоҳида айланиб қолдилар. Жондор бойнинг, хусусан, боғ зиёфатлари, базмлари тарифга сиғмай кетди. Ўз маҳалласидаги ярим қадим-ярим жадид бир мактабга бир неча парта ясатиб бергани учун, жадидлар уни «ҳодим ватан ва миллат» деб мақтадилар. «Урушбой» фаҳш ишларида ҳам ҳаммадан ўзишга тиришди. Қўша-қўша бачча асради. Лекин улар кўринишда унинг мирзаси ё гумаштаси каби яшайдилар...
Тантибойвачча пўстинни ечиб, сандал атрофига ёйилган қалин атлас кўрпачаларга ўтирди. Токчаларга безак учун терилган қимматбаҳо асбобларни томоша қилди. Уйнинг тўрига, катта гилам устига ташланилган жойнамоз гилам унинг диққатини жалб этди. Унингча, у кўрган бу навдаги гиламчалар орасида Жондорники мислсиз эди.
Жондор вагончи шу уйга ёпишган иккинчи бир кичик уйдан патнис ясаб чиқди. Хамири нуқул қаймоққа қорилиб оғизда эриб кетувчи оппоқ патир нонларни, меҳмоннинг эътирозига қарамай, ушатиб ташлади. Бир лаганга қази тўғради. Бу кун бир неча қадрли меҳмонлар келиши кераклигини, дутор, танбур, ашула билан ширингина ўтириш ясамоқчи эканини, оддий гап-гаштакдан зерикканини сўзлаб, Тантибойваччанинг қадамига хурсанд бўлганини билдирди:
— Бу кун ман билан бўласан. Бу ерда бир базми жамшид ясаймиз. Бир қанча вақтдан буён нажоҳатли, салла-каллали, уламо, мударрис, аъламлар орасида қолдим. Келишади, қайтара олмайсан. Жуда хуноб бўлдим. Чунки улар ўлгундай эзма бўлишади. Шариат қилни қирққа айиради, деган сўз тўғрига ўхшайди, дўстим. Арзимаган нарса устида масалахонлик қилиб, бир-бирлари билан талашишади. Қўяверсанг, хўроздай парт-парт тепишмоқчи бўлишади. Кейин ман ўрталарига тушиб, икки томон ҳам ҳақ бўлса керак, дейман. Шу билан даҳанаки жангдан қолишади. Роса хуноб бўлдим...
— Дуруст, миянг тўлипти,— деди кулиб Тантибойвачча,— яқин ўртада унча-мунча уламони бир чўқишда қочирасан.
— Эй, қўй, — юзини буриштириб деди Жондор вагончи,— уларнинг кун бўйи гапиришларидан битта «алиф» миямга кирмайди. Улар нима сўзлашса, тақсир, сизники маъқул дейман. Мен сенга ростини айтиб қўя қолай: алҳамдулилло, мусулмонман. Лекин уларнинг минғирлаши менга ёқмайди... Хўш, нимага уларга жой бераман, зиёфат ясайман? Шунинг учунки, бировни тошбўрон қилдирадиган ҳам улар, обрўсини кўкка чиқарадиган ҳам улар. Уйимга келиб, тузимни ялаб, эшигимдан ялтироқ тўн кийиб чиқсалар, ҳамманинг оғзи юмилади. Қўявер бу гапларни! Лекин, дўстим, кечга меҳмонларни жўнатиб, городга шабохўн ўрамиз иккаламиз, ойимчалардан ғалатисини топиб гашт қиламиз. Қўлингни бер, шоввоз!
Тантибойвачча таклифни қабул қилди. Аммо шу онда Гулнор эсига тушди. Бу «тансиқ совға» билан Жондорбой каби дўстини нега хурсанд қилмасин? Жондорбой ундан ҳеч нимани аямайди-ку. Сўнгра, сотиб ейишдан бошқани билмаган бойваччанинг шу вақтларда анча путури кетган эди. Мулкларнинг учдан бири ҳам қолган эмас. Шунинг учун Жондорбой каби гуриллаган бойларга хушомад қилишни жуда фойдали топди. Ҳозирча масалани ёпиқ қолдириб, кейинча қизни «тириклай ўлдириш» учун Жондорбойда бўлган бутун воситалардан фойдаланмоқни мўлжаллади. Зотан, бу ерга келишдан мақсади ҳам шу эди. Шу мулоҳазаларга суялиб, Гулнорга босқинчилик қилишга Жойдорбойни шерик қилмоқчи бўлди. Жонон пиёладаги аччиқ чойни ҳўплаб гапирди:
— Городга чиқмаймиз, Жондор. Шомдан кейин ман сани бир жойга олиб бораман. Яйрайсан!
— Оғзингдан ўргилай, ростми?—Жондорнинг лаб-лунжи кулгидан тиржайди.
— Рост. Итни боғласанг, турмайдиган бир жой... Аммо париштадай бир қиз бор.
— Оғзингдан айланай,— типирчиланди Жондор,— шу ерга келтирайлик, ё бошқа бир жойга элтайлик, қиз дедингизми? Яна ўн йил яшарар эканмиз-да!
— Уни жойидан қўзғатиш жуда қийин иш. Кейинча, балки осон бўлар..
— Майли, ипак гиламларда, мана шунақа уйларда маишат қилиб кўрдм. Ит турмайдиган жойда яхши қиз билан «суҳбат» қилишнинг ҳам ўзича бир завқи бўлади. Мирисҳоқ, санга молимни эмас, жонимни қурбон қилсам арзийди. Қиз дедингми? Айш қилар эканмиз. Қани, олдиндан бир оз нўш қилиб турайлик!
Жондорбой ҳовлиқиб, шкаф ичидан коньяк олар экан, унинг меҳмонлари кириб келишди. Кўришмасдан илгари Жондор уларнинг ҳаммасига кичик стаканларда май қуйиб тутди. Ҳа-ҳа, тарала билан тик туриб ичишди.
Nom: Re: Oybek. Qutlug' qon (roman)
Yuborildi: AbdurRohman 31 Dekabr 2010, 10:29:45
III

Йўлчи тонг қоронғисида Қоратойга келиб, воқеани билдирди. Темирчи лабини қаттиқ тишлаб ўйлади. Фақат, бу тўғрида ҳеч нима айта олмади. У, ўз таъбирича, «у ёқ-бу ёқни изғиб, сирнинг учини» топиш учун қаёққадир йўқолди.
Йўлчи қаёққа бош уришни, кимнинг ёқасидан тутишни билмай, анча вақтгача кўчаларда тентиб юрди. Мирзакаримбой унга иш буюрганини Ёрматдан эшитса-да, бўйсунмади. Энди унинг хаёлида ҳамма нарса бўш ва маъносиз эди. Баъзи минутларда эси оққан каби, кўча ўртасида қаққайиб қолар. Ҳар ўтган дақиқа унинг сўнгги умид учқунларини сўндирар, юрагини қўрқинчли туйғулар билан тўлдирар эди.
Қиём чоғида Қоратой билан учрашиш ниятида чойхонага кирди. Чойхонада одам кўп эди. Чилим тутуни, самовар буғи, одамларнинг ғовур-ғувури ичида, пешанасини ушлаб, бир чеккада ўтирди. У сўрамаса ҳам, чойхоначининг югурдаги чой қўйиб кетди, қайтаришни эп кўрмай, бир пиёла қуйди, лекин ичмади, боши яна беихтиёр қуйи солинди. Шу вақтда кимдир унинг елкасини қоқди. Йўлчи ялқовгина қаради, қаршисида Қамбар чўлоқ. Уни кўпдан бери кўрмаган бўлса-да, ўрнидан турмасдан, бўшанг сўрашди. Қамбар кулиб, куппа-кундузи, шунча ғалва орасида ухлаяпсизми, деб ўтирди. Йўлчи индамасдан пиёладаги чойни унга узатди. У Қамбар билан жуда қалин дўст эди. Ёз чоғлари Йўлчи далада ишларкан, улар тез-тез учрашиб туришар, жуда самимий сўзлашар эди. Йўлчи ҳозир ўз кайфиятини, зўрлаб бўлса-да, ўзгартиришга тиришиб, Қамбар билан бир оз сўзлашмоқчи бўлди, лекин бундан ожиз қолди: ҳар қандай сўз беҳуда, маъносиз кўринди.
— Сизга нима бўлди, хўжайинлар хафа қилдими? Бу кун жумалик қилиб чиққан эдим. Сизни кўриб севингандан юрагим қоқ ёрилаёзди, сизнинг важоҳатингиз — бу!
— Кўришмаганимизга анча бўлди,— базўр жавоб берди Йўлчи,— кишининг бошига ҳар хил ташвиш тушар экан-да!
— Тўғри, камбағалнинг боши ғамдан чиқмайди. Ҳайити ҳам аза, жумаси ҳам аза,— пиёлани бўшатиб сўзлади Қамбар,— кўнгилга тугаверсанг, жинни бўлиб қоласан. Ғам ёмон, фил бўлсанг ҳам бора-бора ипдай чўзиб қўяди. Лекин, айтинг, нега бунча эс-ҳушдан оғиб, бўзаряпсиз,— деди-да, Қамбар бирдан кулиб юборди. Унинг кулиши Йўлчига оғир тегди. Буни сезган Қамбар Йўлчи томон эгилди ва шивирлади:
— Дардингизга даво менда!—у қаддини тўғрилаб, мағрур боқиш билан яна илжайди.
— Нима деяпсиз?—гумонсираб сўради Йўлчи.
— Майли, сиз яширдингиз, аммо мен яширмайман,— Қамбар яна эгилиб, овозини пасайтирди.— Ёрмат аканинг қизини севасиз, қизи кечаси бирдан йўқолиб қолибди-а? Хафалик шундан эмасми?
Йўлчининг қўллари титраб, кўзлари умид билан очилиб кетди. Бир муддат сўзлай олмади, жилмайган Қамбарнинг кўзларига тикилиб қолди. Сўнг деди:
— Севишимни билардингиз, йўқолганини қандай?..
— Ҳаммаси манга маълум. Қамбар чўлоқдек искович етти иқлимда бормикан!— Қамбар бир оз тўхтаб, атрофига кўз югуртириб, давом эттирди сўзини.— Кеча шом вақтида бизникига иккита шум йигит келди. Танийман. Хўжайин ҳалигиларни меҳмонхонага киргизиб, эшикларни тақа-тақ ёпди. Бир нима боров дедим. Ҳеч нимани фарқига бормаган бўлиб, эшикда юмушларимни қилавердим. Дам ўтмай йигитлар чиқишди, кейин маст Салимбойвачча ҳам бир кўриниб йўқолди. Орқаларидан пойлай дедим-ку, лекин хўжайин сезади, деб ўйладим. Ярим кечада эшик тақиллади. Чиқиб очдим: қари извошчи, ғирт муттаҳам одам. Лекин мен билан жуда ҳазилкаш. Ҳамма ўғринчи ишларни ўша юритади. Ҳа, бобо, ҳорма, дедим. У: «Иложи бўлса ҳозир, бўлмаса эртага барвақт айт хўжайинингга, нозик юкини фалокатсиз элтиб қўйдим, пулни мўлроқ чўзсин» деди. Қанақа юк, дедим. Отини «чуҳ» демоқчи. Яқинлашиб, шошма, дедим. Мендан нимани яширасан? Анов йигитлар, анов бойвачча сан билан биргамиди? Биламан, гапир дедим. «Ҳа айёр чўлоқ, искабсан дарров! Бир маҳалладан бир қизни олиб қочишди. Бойваччанинг хизматкорининг қизи эмиш... Дамингни чиқарма!» деди секингина. Билдим-ки, Ёрматнинг қизи. Шундайми, ахир? Лекин нима учун олиб қочадилар, бунга ақлим етмайди. Лекин иккаламизнинг хўжайинларимиз ҳам ашаддий бузуқ, шунинг учун ёмон ният билан бўлса керак. Мана, дўстим, сизга хабар беришга келдим. Қидирдим...
Бу воқеа, қўрқинчли бир туш каби Йўлчининг кўз олдидан ўтди. Қамбар сўзини битирар-битирмас, у кўчага отилди. Орқасидан Қамбар ҳам югурди. Йўлчидаги ғазабни кўриб, Қамбар уни пастқам бир томонга етаклади. Одамлардан холи жойда тўхтаб, агар Йўлчи хоҳласа қизни қутқаришлик мумкинлигини, қиз ўша шум йигитлардан бирининг уйида эканини сўзлади.
— Айтинг, қаерда? Ҳозир бораман,— ҳансираб деди Йўлчи.
— Мен ўзим бошлаб борсам... қалай бўлар экан?—ўйланиб қолди Қамбар.
— Йўқ, Қамбар ака,— қатъий равишда деди Йўлчи,— аҳмоқ Танти сезса, хафа қилади. Ман ўзим бораман.
Қамбар маҳалланинг номини айтиб, у ердаги тор кўча, боши берк кўчаларни, эшикларни мумкин қадар синчиклаб тушунтирди, тирноғи билан деворга чизиб ҳам кўрсатди: «Адашсангиз, биронта боладан секингина сўранг: «Қора Аҳмадники қаерда» деб.
— Аниқ ўша ердами?— деди Йўлчи титраб.
— Менимча, албатта, шу ерда бўлиши керак.
Йўлчи одимини катта отиб жўнади. Бир оз нари боргач, орқасидан Қамбар чақирди:
— Бери келинг!
— Яна нима?— шубҳаланиб сўради Йўлчи.
— Пичоқ борми? Эҳтиёт-да.— Йўлчининг қулоғига шивирлади Қамбар.
— Энам пичоқ тақишни ўргатган эмас, Қамбар ака! — ғурур билан жавоб берди Йўлчи. Қамбар норози бўлди, лекин пичоқ олишга Йўлчини зўрлай олмади, ажабланиб елкасини қисиб қолди.
Ярим соатдан мўлроқ юриб, қўрсатилган маҳаллага етди. Бу — шаҳарнинг четида, шаҳар билан дала ўртасида, жуда пастқам маҳалла эди. Унда-бунда бир эшик учрайди, лекин оч-ориқ, дайди итлар кўпроқ санқиб юради. Йўлчи Қамбар уқтирган иморатларни бир-бир кўздан кечириб, сўл ёқадаги боши берк тор кўчага кирда.. Кўчанинг икки томони бузуқ-ёриқ пахса девор, фақат кўчанинг бошида кичкина бир эшик. Йўлчи эшикни итарди: орқадан занжир. Шу ерда бир оз ўйлаб, деворларга разм солиб, кейин охиста тақирлатди. Эшик очилиб, барзангидай йигит чиқди, гавдаси билан эшикни қоплади, у йўғон, калладор, қошлари мушукбаччанинг думидай ўсиқ, юзида, пешанасида пичоқбозликнинг излари равшан кўринади, йирикк кўзларида кишига ёмон таъсир қиладаган, кандайдир, сирли ўт ёнади. У хўмрайиб тикилди:
— Хизмат?—деди.
— Бу ёққа тур, ичкари кираман!
Йигитнинг кўзлари асабий иириллади, пихиллаб нафас олди.
— Подадан адашган бузоққа ўхшаб, дуч келган эшикка бошингни тиқаверасанми? Кимсан ўзинг?
— Қора Аҳмад ким?—деди Йўлчи, йигитга яқинлашиб.
— Ман!—деди йигит ва бармоғи билан остонага ишорат қилиб сўзида давом этди.— Мана бу ерда одамзоднинг боши янчилади, ука! Уйимга нимага кирасан, уйим энанг маҳрига тушганми?
Гулнорнинг шуникида эканига Йўлчида ҳеч қандай шубҳа қолмади. Бу йигитга сўз уқтиришдан фойда йўқлигини сезди-да, унинг ёқасига чанг солиб, кескин бир силташ билан остонадан узди, яна бир кескин ва кучли силташ билан пахса деворга урди. Шу вақтда Йўлчининг кўкрагига қаттиқ ва салмоқли мушт тушда. Йўлчи ҳам Қора Аҳмаднинг башарасига, кўксига, қорнига тўқмоқдай муштуми билан тўхтовсиз тушира бошлади. Томошабинсиз, ажратиб қўювчиларсиз зўр, омонсиз муштлашув!.. Икки томон ҳам «их, ах» ва шунинг каби маъносиз товушлардан бошқа бир сўз айтмади. Иккисининг кўзларида ваҳший ғазаб ёнди. Бўйин томирлари арқондай қаварган, билак пайлари темирга айланган. Ниҳоят, Йўлчи ҳам, Қора Аҳмад ҳам, мушт билан бир-бирларини енга олмасликка ишонч ҳосил қилишди шекилли, ҳаракатларини ўзгартиришди. Қучоқлашиб-тортишди, бир-бирларини йиқувга интилишди. Йўлчи бир калла уриб, Қора Аҳмаддан ўзини айирди, бир панжаси билан Қора Аҳмад бўйнининг уст томонидан чангакдай сиқиб, пастга босди, иккинчи қўли билан Қора Аҳмаднинг бир қўлини орқага қайирди ва бутун кучи, оғирлиги билан уни ерга босиб тушди. Қора Аҳмад ярим юмаланиб, остида қолган қўлини бўшатиб чиқарди. Унинг қўлида пичоқ ялтиради. Йўлчи чапдастлик билан қўлини маҳкам ушлаб қайириб, ерга михлагандай қилди. Пичоқ қўлидан тушди. Йўлчи пичоқни қўлига олиб, узоққа отди, бутун гавдаси билан Қора Аҳмад эзиб, бир қўли билан. унинг томоғини хип бўғди, ғазабдан тишларини қисирлатиб: «Додла, бақир уялмасанг!..» деди.
Қора Аҳмаднинг юзига қон аралаш лой чапилган эди. Шишган икки кўзи лой ва қон орасидан кучсиз ялтирар эди. Йўлчи унинг бўғзини бўшатди. Қора Аҳмад бўғилиб, ҳарсиллаб нафас олди. Томоғи бўшалган эса-да, қаршилик кўрсатшига уринмади. Йўлчи жеркиб сўради:
— Қиз шу ердами?
— Шунда—деди Қора Ахмад, бир нафасдан сўнг,— киминг у, синглингми?
— Мен у қизни севаман— мағрур жавоб берда Йўлчи. Қора Аҳмад ётган жойида кимнидар чапанича ёмон сўкди.
— Кимни?— деб ўқрайди Йўлчи.
— Анов... Бойваччани сўкаман...
— Нимага олиб қочдиларинг қизни?—деди Йўлчи.
— Билмайман. Ҳеч. Бойваччалардан сўра.
Йўлчи Қора Аҳмаднинг устидан тушди. Ҳалиги улоқтирган пичоқни қўлига олди-да: «Тур, аммо энди ғинг демайсаи!» деди.
Қора Аҳмад бир қўлини ерга тираб, оҳиста кўтарилди, қон аралш тупурди. Йўлчига қараб юмшоқ гапирди:
— Мард экансан Қора Аҳмадни урдинг.. Яна қандай! Чин сўз керак. Мен одамнинг хўрозига бошимни бераман. Сен у қизни севасанми? Ол, кет! Ҳеч кимнинг кўз қораси унга тушгани йўқ. Ишон манга!—сўл, қўлини эҳтиёт билан ушлади Қора Аҳмад— Қўлга шикаст бердинг-да. Зарари йўқ. Кир!
Йўлчи чопонининг этаги билан юзини артди. Пичоққа диқкат билан қараб, сўнгра, пешкаш қилган каби, Қора Аҳмадга тутди.
— Ол!...
Қора Аҳмад ишонмаган каби ағрайиб, бир минут тараддудда қолди. Кейин пичоқни секингина олди-да, бошини қуйи солди. Бир зум ўтмай, бирдан Йўлчига қаради. Унинг бу қарашида чуқур таажжуб билан ҳурмат ифодаланди, лой ва қонли юзини табассум қоплади: «Сан олтин йигит экансан. Тушундим!»—пичоқни қўнжига тиқиб, уйга ўзи бошлади. Ҳовлига, кираркан қичқирди:
— Опа, пана бўл!
Йўлчи унинг орқасидан сердарахт, лекин уй-жойи тўтдай тўкилиб турган катта ҳовлига кирди. Қора Аҳмад ҳовлининг нариги бурчида юзини катта рўмол билан Йўлчидан яширган бир хотин олдига келди. Йўлчи сабрсизлик билан ҳовли ўртасида атрофга аланглаб тураркан, хотин чинқириқ товуш билан бирдан вайсаб кетди:
— Вой, ўлай, бу нима! Юзингни ким пачақлади? Чопонинг бошдан-оёқ балчиқ. Ман санга минг марта дедим-ку ёмон йўлдан қайт деб...
Қора Аҳмад бир нима деб пўнғиллади-да, ҳовлининг четидан юриб, бир уйча олдида тўхтади ва Йўлчини имлади. Йўлчи югуриб борди. Қора Аҳмад калитни бериб, ўзи чекилди. Йўлчи титраган қўллари билан шошиб-пишиб қулфни очди, эшикнинг икки қанотини икки ёққа қаттиқ итариб, уйга отилди. Дарчаси берк бўлганидан уй ичи қоронғироқ эди, ҳеч ким кўринмади. Йўлчи умидсиз ва ҳаяжонли товуш билан:
— Гулнор!— деб қичқирди.
Эшик очилар экан, фалокатми, деб гумон қилган ва қўрқувдан нафаси кесилиб, қоронғи бурчакка қисилган қизга бу таниш ва севимли товуш бир онда ҳаёт бағишлади. У фарёд билан Йўлчига отилди. Севинчидан, ҳаяжондан, яйрилиқ ҳасратидаи улар анча вақтгача бир оғиз сўз сўзлашга ожиз қолишди. Гулнор бошини Йўлчининг кўкрагига суқиб йиғлади. Йўлчи уни эшик олдига олиб борди. Гулнор намли кўзлари билан Йўлчига тикилиб, бир нимадан ҳурккан сингари, яна унга суқулди, сўнг эркаланиб унинг бўйнига қўл ташлади. Юракка сиғмаган ҳаяжонини бўшатган каби, хўрсина-хўрсина сўзлади:
— Кўзларимга ишонмайман. Сизни кўриш... уҳ, умидим узилган эди. Йўлчи ака, биз қаердамиз? Нима бўлди? Анов муттаҳам ким? Нега мени бу ерга ўғирлаб келади? Ҳеч нима тушунмайман! Тушимми? Ўнгимми? Кечаси ёлғиз ўтирган эдим,— йиғлаб гапира бошлади Гулнор,— онам бойникида, дадам аллақайда... бирдан иккита девдай йигит кирса бўладими. «Вой!» деб ўзимни ерга ташладим. Бундан бошқасини билмайман. Кейин бир вақт ҳушимга келдим. Оғзим бўғиқ. Қалин нарсага ўралганман. Извошда кетаётганимни пайқадим. Яна ҳушсизландим. Уҳ, ўлмабман, кишининг жони шундай чидамли бўлар экан. Лекин ўзимни ўлдириш учун мана шу уйда кўп уриндим. Томоғимни бўғдим. Бўлмади. Бошқа чора қидириб турган эдим, қаердан келдингиз, осмондан тушдингизми, Йўлчи ака?— Гулнор сўзларкан, Йўлчи унинг юзидан кўз узмади. Қиз жуда озган, юзи сарғайган эди. Кўзлари ҳорғин, дармонсиз эди. Бошидан кечирган фоже ҳодисалар унинг бутун сиймосида равшан эди. Лекин қизнинг ҳусни, ҳасрат оташида товланиб, мукаммаллашган каби, яна ҳам ёрқинроқ, яна ҳам сеҳрлироқ бўлиб кўринди Йўлчига. Йўлчи Гулнорнинг бошини силаб, воқеани қисқача айтиб берди, катта айб Қора Аҳмадда бўлмай, балки бошқаларда эканини ва бунинг сабабига ҳали тушунмаганини сўзлади. Танти ва Салимбойваччаларнинг иштирок этуви Гулнорнинг ҳайрат ва ғазабини оширди. Бутун аламзадалиги билан уларни қарғади. Ногаҳон Йўлчининг чаккасидаги кўкимтир шишни кўриб, кўзларига қўрқув тўлди.
— Бу нима? Вой, қулоғингиз орқаси ҳам озгина қонабди!— деди Гулнор қўрқиб.
— Қора Аҳмад билан озгина ҳазиллашдик. Юринг, тезроқ кетайлик,— Йўлчи ҳовлига тушди.
— Маҳсим бору, кавушим йўқ, паранжи-чачвоним йўқ. Рўмолим йўқ. Рўмолсиз, майли-я, паранжи, кавушсиз қандоқ чиқаман кўчага?—деди Гулнор мулойим кулиб.
— Э...э...— Йўлчи ўйлаб қолди, бундай нарсалар сира эсига келмаган эди, гўё Гулнорни кийинтириб олиб қочишгандай. Бу нарсаларни тезда топиб бўлмагани ва Гулнорни бу ерда бир минут ҳам ёлғиз қолдиришни истамагани учун, у Қора Аҳмадни чақирди. Қора Аҳмад оғир-оғир юриб келди. Унинг юзи энди қон билан лойдан тозаланган бўлса-да, жуда хунук эди. Пешонасида катта-кичик ғурралар, юзлари кўм-кўк шиш, бир кўзи тамом юмулган эди. У, узоқроқда тўхтаб:
— Хафа бўлманг, синглим!—деди.
Қора Аҳмад яқинлашуви билан ўзини эшик орқасига олтан Гулнор дадил қичқирди:
— Уятсиз!
Қора Аҳмад ерга қаради. Йўлчи унинг елкасига қўлини қўйиб, аҳволни тушунтирди. У илма-тешик бир паранжини келтириб Йўлчига тутқазди.
— Бўлгани шу. Буни ҳам опамиз ер-кўкка ишонмайди,— деди кулиб Қора Аҳмад.
— Хўп, мен гаровга пул бериб кетай.
— Йўқ, бу бир тангага қиммат, гаровга сира арзимайди. Аммо керакли нарса у, мусулмончиликнинг фарзларидан бири шу бошвоқ-ку... Эртага ё ўзинг келтир, ё бировдан бериб юбор.
— Раҳмат.
Қора Аҳмад бир ҳужрага кириб, узоқ вақт йўқолди. Эски-туски орасидан бир жуфт кавуш топиб чиқиб, Йўлчининг оёқлари орасига ташлади. Кавушлар қуруқ тарашадай шақиллаб тушди ерга. Қора Аҳмад ҳам, Йўлчи ҳам, ҳатто энгак орқасида мўралаб турган Гулнор ҳам бир вақтда беихтиёр кулиб юборишди. Кавушнинг бири «заифона», бири «мардона», бирининг пошнаси бутунлай йўқ, бириники яримта. Бирининг юзи ярмини сичқон кемирган, бирининг юзи таг чармга ёпишиб кетган. Йўлчи кула-кула қўлга олди. Бармоқларини тиқиб, кавушнинг юзини тўғриламоқчи бўлган эди, ўрта бармоғи тешиб чиқди... Йўлчи ерга ташлади.
— Мен пул берай, шу атрофдан оз-моз дуруст, оёққа илинадиган бир нарса топиб беринг,— Йўлчи мурожаат қилди Қора Аҳмадга.
— Қизиқ экансан, оёғидагини ечиб берадими, бу ердагилар ҳаммаси — гадойдан нон тилайдиган қашшоқлар, жуфтингни қанотинг остига олиб уча кет, лочин! Бу ерда турма!—деди-да, Қора Аҳмад бир томонга чекилди,
Гулнор «доқи юнус»дан қолган кавушни кийиб, чирик паранжига ўралиб, Йўлчи билан жўнади. Катта кўчага чиққач, мусулмонларнинг ёмон фикрларига замин бермаслик учун, Йўлчи ўзини беш-ўн қадам олдинроқ олиб юрди. Тутқунликдан, фалокат чуқури ёқасидан севикли йигит томонидан қутқазилган Гулнорнинг қушдек учгуси келар, лекин бошидан кечган даҳшатли воқеалар орқасида оёқларида заррача мадор сезмас эди. Бунинг устига кавуши монелик қилар эди. Деярли ҳар қадамда бир пой чирик кавуш оёқдан тушиб, лойга ботар, қиз энгашиб яна илар, қадамини ҳар қанча авайлаб қўйса ҳам, кавушлар юришдан бўйин товлар эди.
Йўлнинг ярмига етганда, одамлар сийрак жойда Йўлчи тўхтади. Гулнор унинг ёнига келгач, ийманиб секиигина деди:
— Қаерга олиб борай сизни? Ўз уйингизгами? Тўғрисини айтаверинг, Гулнор, сира тортинманг.
Бу саволни Гулнор ҳали ўйламаган эди, у деворга суялиб туриб қолди. У паранжида бўлса-да, ҳозирги кечинмалари ва ҳаяжонлангани Йўлчига билиниб турди.
— Тортинманг, ихтиёр сизда,— такрорлади Йўлчи.
— Уйимга қайтмайман. Бояги жойга борамиз, гаплашамиз,— қагъий жавоб берди Гулнор. Агар кўчада бўлмаса эди, Йўлчи шу онда бу гўзал, тоза юракли, жасур, вафодор қизнинг оёқларига бош қўйишга тайёр эди. Лекин шунда ҳам унинг бундаги ҳаракати, қизнинг улуғ қалби ва севгиси олдида ҳеч эканини чуқур сезди. Йўлчи чексиз севинч билан юриб кетди. Йўл-йўлакай фикри жой қидириш билан машғул бўлди. Қоратой, Шокир ота уйи жуда мос. Лекин бойнинг маҳалласида, билиниб қолади, ҳозир тўппа-тўғри қишлоққа жўнаш учун ҳеч қандай имкон йўқ. Гулнор ҳориган, кийим йўқ. Яна у билан очиқча сўзлашув керак, йигит ўйлай-ўйлай Шоқосимнинг хизмат қиладиган жойини, жувозкашникини маъқул кўрди. Чунки бу жой Мирзакаримбой уйидан икки-уч маҳалла нарида ҳам бундан бошқа холи жойни топиш қийин. Эҳтиёт юзасидан тўғри йўлни қўйиб, айланма йўллар билан намозгар вақтида Шоқосимникига бошлаб келди. Жувозкашнинг ташқарисида жувозхона, бедахона, отхонадан бошқа, бир бурчакда кичкина ҳужра бор зди. Бу ерда Шоқосим яшар эди. Йўлчи атрофга куз югуртириб, отхонага кирди. Эндигина ишдан чиқиб, отларнинг ем-хашаги билан овора бўлган Шоқосимни кўрди. Саломни, сўрашмоқни унутиб, қулоғига шивирлади. Ишдан ҳориб-толиб чиққан Шоқосим чала-чулпа эшитса-да, маънони тез илиб олди. Ўртоғига ҳайрон бўлиб тикилди.
— Ростми? Ҳужрага олиб кир, эшикни орқасидан занжирла. Қорангни кўрсатма,— деди.
Ҳужра кичкина, лекин илиққина эди. Эски бўйра устига солинган эски кўрпачага Гулнор ўтирди. Ҳужранинг бурчагида Шоқосимнинг увада чопони, тўзиқ кўрпа-ёстиқ уюлган. Ташқари ҳали ёруғ бўлса-да, эшик ёпилгани учун, деразасиз ҳужра қоп-қоронғи бўлди. Йўлчи токчада ётган шамни ёқиб, бир пиёлани тўнтариб, унинг устига шамни ўтқазди ва ўзи билан Гулнор ўртасига қўйди. Иккисининг юрагида севинч ва бахт лим-лим тошган эди. Бу бахт, бу чексиз севинч уларнинг кўзларида, қарашларида, юзларини қоплаган табассумларида жилваланди... Ҳозир иккиси бундай учрашувдан, бир-бирларига қониқмай боқишларидан ўзга дунёда ҳеч нимани назар-писанд қилишмас, қалбларида йилларча сақлаган муқаддас орзуларга етишганликларидан, иккиси ҳам маст каби эди. Бу фақир ҳужрада милтираган шам улар учун азамат ва ҳаётбахш қуёш каби кўринар эди.
Улар кўпдан бери кўкракларида тўпланган, ифодаси учун вақт-шароит имкон бермаган ўйларини, дардларини гаплаша бошладилар. Гулнор айниқса, кейинги кунлардаги воқеаларни ҳаяжон билан сўзлади. Мирзакаримбойнинг уятсизлиги, дадасининг нодонлиги, кўз ёшлари билан Йўлчини кутишлари, Қора Аҳмаднинг совуқ уйида тун бўйи ва кундузи ҳам, Йўлчи келгунча, ёлғиз ўз ўлимини, ўз-ўзини қай равишда осон ўлдира билиш билан овора бўлганлигини, Қора Аҳмаднинг опаси кўрсатган баъзи бир меҳрибончилигини ва ҳоказоларни ҳикоя қилди. Йўлчи ҳамма эски, янги воқеаларни, хусусан кечадан буён тортган ташвиш ва ҳаяжонларини гапирди, қизнинг пешанасини силаб, ўтганларни унутиш кераклигини тушунтирди. Эшик тақиллади. Йўлчи ирғиб туриб қия очди. Шоқосим бир чойнак чой, иккита нон, бир тарелка қора майиз узатди: «Палов қиладиган кези экану... ука, камбағалмиз-да, озни кўп кўриб оласизлар.. » дсди. Яна бирпасдан кейин битта кўрпа келтириб берди, азиз меҳмоним бор деб, хўжайинлардан ялиниб олганини айтиб кулди. Йўлчи унга миннатдорчилик билдириб, койимаслигини ўтинди. Бундан бир неча соат илгари қайғудан бошқа овқатни танимаган бу икки ёр энди севиниб, иштаҳа билан ея бошлади. Йўлчи, пул берай, Шоқосим ошпаздан овқат келтирсинми, деб сўраган эди, Гулнор лозим топмади. У чойни ўзи қуйиб, Йўлчига ғамхўрлик кўрсатди, қувноқ кўзларини бу кичик, фақир ҳужранинг ҳар томонига югуртиб, кула-кула сўзлади.
— Ўртоғингизга айтинг, шу ҳужрасини биздан аямасин. Шу ерда тинчгина яшайлик!
Йўлчи кулиб бошини қимирлатди. Лекин бирдан қизнинг юзини қайғў кўлкаси босди:
— Йўқ, ўртоғингиз ҳужрасини биздан аямас, лекин бошқалар бизга ҳеч нимани раво кўрмайдилар. Ўз кўнглимизда ва ўзимизники бўлган ишқни ҳам юлиб ташламоқчилар...
Йўлчи унинг фикрига қўшилди. Сўнгра Тошкент каби катта шаҳарнинг биронта бурчагида улар хавфсиз тура олмасликларини, агар Гулнор чиндан истаса, у вақт тезроқ ҳаракат қилиб, бу ерлардан узоқлашиш лозимлигини сўзлади. Гулнор Йўлчининг кўзларига боқиб кулди ва дадил жавоб берди:
— Сиз қаерни хоҳласангиа, ўша ер менга яхши кўринади. Мана бу ҳужрага бошлаб келдингиз, менга жуда ёқди... Энди уйга қайтиш йўқ. Мирзакаримбой бурнини тишлаб қолсин!
Икковлари ҳам узоқ кулишди.
— Мен ўз қишлоғимни мўлжаллаган эдим,— деди Йўлчи жиддий,— тўғри, у ерда ҳозир уй-жойимиз йўқ. Қўшнимиз онамни кўмишга, маъракасига пул сарф қилган экан; тўлаш керак, албатта. Мен уйни бир юз йигирма сўмга сотдим. Жуда арзон... Аммо, қарздан қутулдим. Синглимга кийим қилиб бердим. Ёнимда яна ўттиз сўмча қолди. Аммо, қишлоқ ўсиб-унган юртим. Албатта, жойсиз қолмасмиз, соғ бўлсак, тирикчиликни ҳам йўлга солармиз. Аммо, Гулнор, сиз яхши ўйланг, ихтиёр сизда. Гулнор Йўлчининг сўзларини диққат билан тинглади, ҳассос қизнинг хаёли меҳнат-машаққат билан тўла, лекин содда, тинч қишлоқ ҳаётини жонли ранглар билан чизиб, кўз олдидан бир-бир ўтказди, у бирдан ўзини тоғлар, сувлар орасида сезди, Йўлчининг фикрини маъқуллади, яна унга далда бериш учун деди:
— Ҳамма вақт қишлоқда яшаймиз. Сиз ишлайсиз, мен ишлайман. Дўппи тикишни яхши биламан. Эркак, хотин, бала-чақа — ҳаммасининг кийимларини тикаман. Маҳаллада мени чевар қиз дейишади.— У бу сўзларни ярим ҳазил, ярим ифтихор билан кулиб айтди.— Синглингиз бағримда бўлади. Уҳ, мен уни кўришни шундай орзу қиламанки...
Йўлчи унинг сўзларини тингларкан, келажак умри, орзулари, умид ва хаёллари бир парча доғсиз, туташ нур ичида кўриниб кетди. У қизга яқин ўтирди, унинг қоп-қора қуюқ сочларини силади, қиз бошини унинг кўксига қўйиб, ҳазин товуш билан ўз-ўзига сўзлади:
— Ойим бечора қолади, ёлғиз боласидан айрилади, ўликми-тирикми эканимни билмай қолади... Йўқ, у ўлади, бундай ғамни кўтара олмас! Бир кўрсам, бир қучоқласам...
— Гулсум холамни кўришингиз керак эди-да, лекин... қайдам...— Йўлчи жим бўлди.
— Йўқ,— бошини йигит кўкрагидан узмасдан гапирди,—дадам билиб қолади. Яхшиси, бундай қилинг. Эл ётар пайтида Қоратой аканикига бориб, мана бу паранжи билан чориқни эгасига қайтариш учун унга топшириб, бошқа паранжи, кавуш олиб келтираман дегандингиз ҳали. Биз бугун саҳарда жўнаймиз, шундайми? Қоратой ака эртага кечқурун хотинини бир баҳона билан бизникига юборсин; у тириклигимни, сиз билан бир ёққа қочганлигимни секингина ойимга сўзласин. У вақт балки ғами, ҳасрати озаяр, нима дейсиз?
Йўлчи қизнинг бундай туйғунлиги ва фидокорлигига қандай баҳо беришни, қандай қилиб ўзининг чуқур ташаккурини билдиришни билмай қолди. Гулнорнинг гўзал бошини ўз кўксида қучди, муҳаббати бутун йигитлик ғурури ва оташи билан унга тикилди-да, фикрини жуда маъқул кўрганини ҳам қишлоқда тинчланиб олгач, тезда шаҳарга қайтиб хўжайиндан ҳақини талаб қилишни, синглиси билан бирга, мумкин бўлса, унинг онаси Гулсумбибини ҳам аравага солиб, қишлоққа олиб боришни истаганини айтди.
Даҳшатли кечинмалар билан, қайғу билан чарчаган қизнинг кўзлари юмила бошлади. Йўлчи унинг бошини кир ёстиққа оҳиста қўйди. Устига кўрпа ташлади, нашъали ҳислар, ёрқин умидлар билан юраги лим тўлган ҳолда анча вақтгача ёрига термулиб ўтирди. Кейин шамни токчага олиб қўйди, ташқарига чиқиб, ҳужра эшкгини секингина ёпди.
Вақт хуфтондан ўтган, жувозхонада чироқ кўринди, Шоқосим кечалик ишни бажаради. Йўлчи у ерга бориб остонада эшикка суялди, жувозхонанинг бир чеккасида девор катакчасига қўйилган, шишаси кирланган кичкина лампанинг нурида нарсалар ғира-шира кўзга чалинар эди. Жувозхона ичидан тезак, шиптир, мой ва кунжара ҳидларидаи бириккан аллақандай қўланса ҳид Йўлчининг димоғига дарров урди; пастда иккита от оҳиста, лекин бир текис юриш билан гир-гир айланади, оёқлари остида гўдаклар «бекинмачоқ» ўйнаса, думини қимирлатмайдиган бу ювош ва меҳнатда чақилган отларнинг кўзлари ним қоронғиликда аллақандай ғазаб билан ёнгандай кўринди Йўлчига. Отлар билан бирга Шоқосим ҳам оҳиста айланиб, узун қамчини отлар устида ювош силкиб қўяди. Бу ишда одам билан от орасида фарқ йўқ. Иккиси ҳам гир-гир айланади, баравар ишлайди. Кеча-кундуз қўланса ҳаво, қоронғида гир-гир айланиш!.. Лекин одамда жавобгарлик бор, хўжайнн мойни яхши чиқаришни буюради. Яна шу одам отларни ҳам боқади. Бир оздан сўнг Шоқосим отларни тўхтатиб, Йўлчига қичқирди:
— Тушунтир мундоқ, ўзи нима гап? Янги кийим кийган етимчадай, кўзларинг така-пука, юришларинг инчунин бежо?
Йўлчи у ёқ-бу ёққа шубҳали назар ташлаб, кейин Шоқосимни ишдан қўймаслик учун, икки-уч минутда воқеани сўзлаб берди. Қизиқ чўпчак тинглаган боладай, Шоқосимнинг оғзи очилиб қолди. Яна жувозни юритиб, отларнинг дукури, жувознинг ғижирлаши ичида қичкирди:
— Қаддингни ур, юлдузларинг жуфт тушган бўлса-чи, одам боласи сенларни ажрата олмайди!
Сўнгра гир-гир айланиб, у ўз турмушидан шикоят қила бошлади.
Хўжайинлар тоифасида инсоф йўқлигидан, кунжара еб, кесак ҳидлаб яшашдан, бировга фарзандликка берган ўғлини кўриб келишга ҳам вақт топа олмаганидан, умуман, ярали кўнгилнинг додидан бир-бир баҳс очди. Йўлчининг кўнгли қувонч билан тўла эди, чунки ёри ўз ёнида ва хўжайинларнинг бўйинтуруғини ўз бўйнида сезмас эди. Лекин Шоқосимнинг сўзлари унинг эркин юрагини тимдалади. У юпатувчи сўзлар билан дўстини умидлантиришни истамади, тўғри йўл кўрсатишга тиришди.
— Жувозхонада вайсаб йиғлашдан нима фойда? Бошқалар сизни хўрласа, сиз хўрланманг, яна кўпроқ енгилманг, қадри қийматингизни билинг. Мен сизни биламан, сиз бундай қилмайсиз, хўжайин камситса, сўкса, ғазабингиз ўт олмайди, яна пасаясиз. Бу ёмон!
Шоқосим унинг сўзларини яхши эшитмадими, ё аҳамият бермадими, индамай отини айлантираверди.
Йўлчи ҳовли ўртасида тўхтаб, осмонга қаради. Тим қоронғилик ичида узоқдан юлдузлар жимир-жимир кўз қисар эди. Ҳулкарга боқиб, Қоратойникига боришга ҳали вақт эрта эканини билди. Ҳужра эшигини эҳтиёт билан очиб кирди. Кўрпанинг учини кўтариб, қизнинг юзига қаради. У уйқуда. Фақат нафас олиши бир қадар қисқа ва кескинроқ кўринди. Йўлчи ҳеч нима гумон қилмади. Гулнорнинг устини яхшилаб ўради-да, унинг оёғида, деворга суялиб ўтирди. Эсон-омон бу ердан қочишни, шаҳардан чиққач, қишлоққа қатновчи аравалардан бирига ўтиришни, Гулнорга қалинроқ кийимларни Қоратой топа оладими, йўқми — шунинг сингари ўйларга берилди. Ёрматни, айннқса Гулсумбибини ўйлаб, уларга ачинди. Гулнорга боқаркан, кўкрагини йигитлик ғурури ва жанг, можаро орқасида ёрига етишган ошиқнинг бахти қабартирди. Бир муддатдан сўнг унинг кўзини ҳам уйқу қиса бошлади, кўзларини дам очиб, дам юмиб, уйқуга қаршилик қўрсатди, бармоқлари билан ишқалади, ниҳоят, ўтирган ҳолда, ярим уйқу, ярим хаёл билан бошини эгди, секин-секин киприкларини ёпиштирди.
Қандайдир, инграшми, алаҳлашми Йўлчининг қулоғига кирди, сесканиб кўзини очди. Токчада шам тагигача ёниб ўчаёзган. «Хийла вақт ўтибди!» деб ўйлади у. Токчаларни тимирскилаб, янги шам топиб ёқди, шамни қўлида ушлаб Гулнорнинг бошида чўққайди. Кўрпа Гулнорнинг кўкрагида, юзи бўртиб, тарам-тарам қизарган; бурнининг катаклари қисилган, ҳарсиллаши аввалгидан зўрроқ. Йўлчининг бутун баданини, томирларини изғирин ялагандай бўлди. У бир қўлини қизнинг пешанасига қўйди: нақ оловдай... Йўлчи «уҳ» тортиб, чуқур меҳр билан, бутун вужудини эзган алам билан силаркан, Гулнорнинг кўзлари аллақандай хаста ёрқинлик билан очилиб кетди, уялган каби, кўрпани тортиб, кўкрагини ёпди ва Йўлчига тикилди.
— Нима қилди, жоним?— сўради Йўлчи, лекин «бетобмисиз?» дейишга тили бормади. Қуруқ лабларини базўр қимирлатиб, ҳарсиллаб деди Гулнор:
— Уҳ... баданим ёниб боради...
— Шамоллагансиз, хафа бўлманг, ўтиб кетади.
— Қаттиқ шамолладим,—паст овоз билан деди қиз,— ман эрталаб сезган эдим, ҳалиги ерда, оти нима, уйи жуда совуқ эди, эгнимда юпқа нимча. Қандай жўнаймиз? Сиз нарсаларни тайёрладингизми? Билмадим, шу аҳволда қишлоққа ёта олармикинман?
— Танангизда оғриқ борми?
— Бутун баданим зирқираб оғрийди, энди жуда кучайди оғриқ. Уҳ тақдир қурғур ҳар дамда бизни қоқилтиради. Нима қиламиз?— деди-да, Гулнор кўрпадан қўлини чиқариб Йўлчининг қўлини ушлади. Йўлчи унинг ёнган қўлини юмшоққина сиқиб ўпди ва бутун борлиги билан хўрсиниб деди:
— Гулнор, сизга соғлиқ керақ. Ҳеч нимани ўйламанг, тинчиб ҳордиқ чиқаринг. Агар дунёнинг нариги бурчига сизни опичиб боришга тўғри келсайди, мен севина-севина бажарардим. Аммо, шу ҳолатда... яна ўзингиз биласиз. Ё тонггача арава топиб келайми? Аммо, далада шамол кучли бўлади, айниқса шу кезларда.
— Сизни қийнаб қўяман. Тўғри, қийналасиз. Руҳим пича енгил тортсин. Қилча дармоним йўқ. Улар сезмасмикан?—Гулнор гўё ўзини жасоратсизликда айблаган ва ўз аҳволидан умидсизланган, ўксинган каби, кўзлари ёш билан тўлди, томчилар унинг ёниб бўртган юзига юмаланаверди.
Йўлчи шамни қизнинг тепасидаги токчага ўрнатди, кейин рўмолча билан унинг кўз ёшларини авайлаб артиб деди:
— Йиғламанг, йиғламанг, руҳингиз енгиллашсин.
— Тўхтата олмайман, ўзи қуюлаверади. Йўлчи ака, нима учун улар бизни қийнайдилар, нега у бойни, у бойваччаларни ер ютмайди! Нега мунча зўрлик, жабр?
— Ер ютади, ютмаса агар, зўрлаб ниғизлаб юттирамиз!—Йўлчи муштумини ерга тираб жавоб берди.
Гулнор чуқур садоқат ифода этган кўзлари билан йигитга қаради, ҳароратли қўллари билан унинг юзини силади. Гоҳ тинчиб, гоҳ қийналиб ётди. Аммо, бир зум бўлсин, кўзларини Йўлчидан узмади.
Эшик тақирлади. Йўлчи аввал шубҳаланиб, тирқичдан қараб, Шоқосимнинг товушини эшитгач, очди.
— Авжи кетиш пайти, бир оздан кейин тонг отади. Мен бедахонада уйқуни урдим, ошиқ-маъшуқни кузатиб қўяй, деб чиқдим.— Совуқдан қалтираб, тишларини шақиллатиб, деди Шоқосим.
Йўлчи ғамгин товуш билан қизнинг нотоблигини тушунтирди. Шоқосим елкасини қисиб, бир лаҳза жим туриб қолди. Кейин Йўлчининг қўлидан ушлаб, бошини тебрата-тебрата гапирди:
— Шунча азоб, шунча ташвиш кўрган қиз, албатта, касалга чалинади-да. Қиз монанд нозик бўлади. Иссиғи баланд дедингми? Чатоқ-ку...
— Куйиб-ёниб ётибди. Уҳ, бирпасда касалга чалинди-я. Туришга мажоли йўқ,— Йўлчи кўкка қараб, сўнг давом эттирди сўзини,— ҳайронман, Шоқосим ака, Ёрматлар, хўжайинлар изимизга тушмасмикан?
— Қандай кетасан, қаерга борасан? Занбилга соласанми! Шу ҳужрага қамалинглар. Кундузи нафас чиқармайсанлар. Хўжайиннинг, бола-чақаларининг кўзини шамғалат қилиб, мен ўзим хабар олиб тураман. Кир ичкари. Ҳа, эшикни учта чертаман, шунда очасан. Эрталаб дору дармон ҳам топиб бераман. Шамоллаган, тумов. Шундайми? Бўпти.
Йўлчи унга Қоратойнинг уйини ва дўконхонасини тушунтирди, эртага унга учрашиб, аҳволни билдиришни ўтинди. Шоқосим «Хўп» деб отхона томонга кетди. Йўлчи ҳужрага кирди. Нақ шу пайтда Шоқосимнинг хўжайини Парпихўжа ёғчи ичкари ҳовлидан чиқиб,одатдагича, «ўҳу, ўҳу» билан «ё Олло! Ё қозийилҳожат!» «Яккасан, ягонасан!» каби сўзларни аралаштириб, ҳовлида юра бошлади.
Бу киши ҳар кун саҳар туриб, таҳоратдан кейин ички-ташқи ҳовли орасида тентиб юришни, охурдан тўкилган чўпларни қоронғида туртиниб теришни, қоронғида ҳам кундузги каби ҳар нарсага разм солиб, кўздан кечиришии яхши кўрар эди. У отхонага боргач, Шоқосим қичқирди:
— Хўжайин, бугун пича эртароқ уйғонибсиз?— Парпихўжа ёғчи жавоб бериш ўрнига, чўзибгина: «Ё Олло!» деди ва отлар орасида туртиниб, чўп-хашак қидира бошлади. Шоқосим ҳазиллашди:
— Ҳар кун саҳарда минг марта «Олло!» дейсиз, бирон марта «ҳа» деганини эшитдингизми?
Парпихўжа ёғчи жавоб берди жиддий равишда:
— Астойдил муножаат қилсанг, Олло таоло «ҳа» демайди, «лаббай» дейди. Лекин буни эшитмайсан, кўрасан, яъни у ўз неъматларини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кўрсатади...
— Бўлмаса,— деди Шоқосим кулиб,— менга сира «лаббай» демайди-да. Нега денг, ҳеч қандай неъматини кўрганим йўқ.
— Ношукурчилик қилма. Шунинг учун чиқарган ёғингда барака йўқ!— жеркиди ёғчи ва бир оз сукут қилгандан сўнг,— Олло деявер, у дунёда мўл-кўл неъматларини кўрсатади,— деди.
— Жилла бўлмаса, ярмини бу дунёда кўрсатса эди, қойил қолардим,— деди Шоқосим.
— Калима келтир, бетовфиқ! Бу беш кунлик дунёнинг лойқа сувини нима қиласан, жаннатдаги ҳовзи кавсарни ўйла, аблаҳ!
— Эртага думба мойдан бу кунги шалхак яхши, хўжайин!—Парпихўжа ёғчи «бас», деди-да, чол бўлмаса ҳам, чоллар каби икки қўлини орқа белига қўйиб, бир оз мункайиб, ичкари уйга кириб кетди.

ЎН УЧИНЧИ БОБ

I

Жондор вагончиникида «базми Жамшидий» қурганлар кечга яқин мастликдан ўликдай чўзилиб қолишган эди. Тантибонвачча ярим кечада кўзини очди, хумдай оғир бошида қаттиқ оғриқ сезди. Томоқ қақраганликдан, ўқчиб-ўқчиб ўрнидан базўр турди. Гандираклаб юрар экан, уй ўртасида қотиб ётган Жондорбойга қоқилиб йиқилдн. Ўзиними, бошқаними сўка-сўка уйга жўнади.
Уйида бир чойнак аччиқ совуқ чойни симириб, пешанасини панжаси билан сиқаркан, кечқурун Гулнорга боришга вагончи билан аҳд қилишганлиги ёдига тушди: «Ҳа, қушим қафасда, эртага борармиз, ўзи ҳам ювош бўлиб қолса керак», деб ўйлади.
Эртаси атроф қораяркан, Жондор вагончини ўз пинжига олиб «суҳбат»га жўнади.
Остонада Қора Аҳмаднинг гавдаси қорайди.
— Келинглар, акалар!— Қора Аҳмад кўришмоқ учун қўлини чўзди, лекин улар қоронғида буни сезишмади.
— Биз сеникига меҳмон бўлиб келдик. Бу киши дўстим Жондор вагончи,— деди Тантибойвачча.
— Жуда соз,— пўнғиллади-да, Қора Аҳмад жим тураверди. Тантибойвачча унга яқинлашиб шивирлади:
— Қиз билан кўнгил очиш учун келдик, Қорам. Санга ўргатгулик гап йўқ-ку.
— Бир ҳангама-де, полвон йигит!— дўстининг сўзини қувватлади Жондор вагончи.
Қора Аҳмад жаҳл билан деди:
— Бу ер ундоқ эмас-ку, бойвачча акалар! Бизга нимани буюрган эдинглар? Қизни олиб қочиш, ҳам бир қанча вақт исини чиқармай сақлаш, шундайми?
— Шундай. Хўш, гапим қаттиқ тегдими санга? Ундай бўлса...
— Пўскалласини айтайми,— Тантининг сўзини кесди Қора Аҳмад,— ман қизни сақлай олмадим. Кеча қўлимдан учди у. Билмайман, ҳозир қайси боғда, қайси тоғда...
Тантибойваччанииг юраги зир этиб кетди. Асабийланиб, ўзгарган товуш билан бобиллади:
— Алжирама, Аҳмад, тўғри сўзла. Дев пойлаган тилсимдан уни қайси мард олиб кетади! Яна ман санга, эҳтиёт бўл, ишнинг таги нозик демаганмидим? Бе...
— Ишонмасангиз, кириб ахтаринг,— деди дағаллик билан Қора Аҳмад,— бошқа гумонингиз бўлса, ахир бир кун учини билиб қоларсиз...
Тантининг нафаси ичига тушди. Пешанасини қашиди. Жондорга тикилиб бир нима демоқчи бўлди, аммо сўз тополмади. Ғазабланиб Қора Аҳмаддан сўради:
— Ким экан у санга бас келган йигит?
— Бир йигит-да,— Қора Аҳмад Йўлчини таърифлашни нечундир истамасдан, давом этди сўзида,— мазмуни, иккови илгаридан дон олишиб юрган экан.— Қора Аҳмад кеча у йигит билан анча олишганини айтса-да, енгилгани тўғрисида. йигитнинг кучи тўғрисида ҳеч нима демади. (Булар билан қоронғида сўзлашганига ичидан севинди. Акс ҳолда, кўкариб шишган башараси чапанининг иззат-нафсини сўндирган бўлар эди!) Ортиқча шов-шув кўтарилса, жавобгарликка тортилиб, қамалишдан қўрққанлигини ва шу сабабдан иложсиз қолганини баҳона қилди. Тантибойвачча жаҳлдан қалтиради. Биринчидан, ишнинг туби очилишидан ваҳимага тушди; иккинчидан, Жондор вагончи каби дўстини ғоят қувонтирган «ажойиб тансиқ ўтириш» ваъдасининг бундай пуч, бундай ишкал бўлиб чиққанлигидан уялди. Қизни олиб қочганда эҳтиётсизликда, бўшангликда Қора Аҳмадни айблади. Койиди. Аммо ишни бажаришдан аввал, бирмунча нақд ақчани санаб олган Қора Аҳмад, энди бойваччадан тап тортмади, чапанича дағаллик ва киноя билан жавоб қайтарди:
— Бойвачча ака, бундақа ишни буюрманг, буюрсангиз агар, кетидан пачаваси чиқмаслиги учун, дўппини ерга қўйиб хўп ўйлаб кўринг олдин... Биз чумчуқнинг инига қўл тиқмадик, қўрғондай ҳовлидан бутун бошли одамни олиб чиқдик, шундай шаҳри азимда аравада келтирдик. Айб сизларда, кўзни лўқ қилиб, тилни соқов қилмагансизлар...
Қора Аҳамаднинг сўзлари Тантибойваччага қаттиқ тўқинди. У билан хайрлашмасдан, вагончининг орқасидан секингина жўнади. Йўлда икки дўст «чурқ» этишмади. Вагончи совуққина хайрлашиб, ўз маҳалласига қайриларкан, Тантибойвачча бир муддат қоронғи кўча ўртасида туриб қолди. Папиросни тутатиб: «Қиз билан дон олишган йигит ким? Пардани ким очди?» деган саволларга жавоб тополмай, Салимбойваччаникига югурди.

II

Эрталаб Шоқосим бир парча эски қоғозга ўралган хушбўй, қандайдир, бир ўсимликнинг қовжироқ гулини келтириб, қайноқ сувда эзиб қизга ичиришни буюрган эди. Йўлчи бу дорини икки марта тайёрлаб берди. Кечга яқин Гулнорнинг руҳи анча енгиллашди, иссиғи озайди, нафас олиши ҳам аста-аста дурустлашди. Шоқосим қаердадир пишириб берган серқатиқ хўрда ошдан у ярим коса ичди. Унинг юзига яна табассум ёйилди. Йўлчи билан суҳбатлашиб ётди. Икки севгувчи қалбнинг орзулари, ўйлари, қарашлари ҳар масалада ғоят мос келар, уларнинг севги ва садоқатларини яна кучлироқ алангалатар эди. Гулнор ўзида зарра қадар куч сезмаса ҳам, хавф-хатардан қутулиш учун бу кеча, бу ерни, албатта, тарк қилиш зарурлигини уқтирди. Бунга узил-кесил қарор қилишгач, Шоқосимни ишдан узиб, хўжайиндан гап тегдирмаслик учун, арава-улов ахтариш ва мумкин бўлса, Қоратойга учрашишга Йўлчи ўзи бормоқчи бўлди. Гулнор эътироз қилмади. Лекин, уни кузатаркан, «узоқ юрманг, эҳтиёт бўлинг» деб ялинди.
Йўлчи эртасига Қоратойга учрашгани Шоқосимни юбормай, ўзи кетди.
Йўлчининг кетганига бир соат қадар бўлган эди. Гулнор кўркам сочларини тузатиб, шамдан кўзини олмай, аллақандай сирли, лекин руҳни тўлқинлатмай, балки унга ором берувчи, чиройли туш каби енгил ва тотли кечинмаларга, ўйларга берилиб ўтирди. Эшик тўсатдан қаттиқ итарилди. Узоқда Шоқосимнинг ким биландир хириллашгани эшитилди, Гулнор «эҳ» деб бошини деворга уриб олди, бир онда вужудини титроқ босди, нафаси кесилиб, кўз олди қорайди. Ташқарида энди кучайган товушлар унинг қулоғига маъносиз бир ғувиллаш бўлиб етди.
— Оч эшикни!
Эшик қарсиллаб, ҳалиги хитоб бир неча марта такрорлангандан сўнг, Гулнор қуруқ, титроқ лаблари билан ғайри шуурий равишда: «Нима, кимсиз?» дея билди, аммо у турган жойдан қимирлашга ожиз қолди.
— Ман, ман! Дардингда куйган дадангман! Гулнор ўз дадасининг товушини базўр айира билди.
Кучли саросима билан ялинди:
— Дадамми? Дадажон, Йўлчи келсин, кейин... Эшик орқасида бирдан жимжитлик сезилди. Ғам, қўрқув титроғи билан эзилган Гулнор кўрпага ўралиб ўйлади: «Нега кеча қочмадим? Йўлчини кўчада ёқалаган бўлсалар керак, нега анов бойваччаларни, анов муттаҳамларни бўғмайдилар? Менда нима гуноҳ, Йўлчида нима гуноҳ? Айбимиз, гуноҳнмиз муҳббати мизми?»
— Очинг, қизим!—бирдан ёт эркак овози эшитилди.— Йўлчини ҳам чақирамиз. Дадангиз сиз билан икки оғиз сўзлашиб, фикрингизни билмоқчи. Ақлли, номусли қиз ўз дадасининг сўзини ҳеч вақт қайтармайди. Агар сўзга қулоқ солмасангиз, ойим қиз, у вақтда дадангиз эшикни бир тепади-да, киради. Бу яхши бўладими? йўқ!
— Қизим, даданг, энанг ҳасратингда куйиб битди. Бизни ўлдиришга қасд қилганмисан? Гапир!— Йиғи аралаш сўзлади Ёрмат.
Бу сўз Гулнорга қаттиқ таъсир кўрсатди. Кўз ёшлари беихтиёр қуюлиб кетди. У ўрнидан турди, мажолсиз оёқлари билан базўр юриб, эшикнинг занжирини туширди, яна калавланиб ўз жойига ўтирди. Ёрмат кириб эшикни ёпди. Қизининг олдига тиз чўкиб, юзига тикилди, пешанасидан аста силади. Кўз ёшлари ҳасратдан бужмайган юзларидан ва соқолларидан мўл-мўл оқаверди. Ҳалқумини бўғган йиғидан қийналиб базўр гапирди:
— Алҳамдулилло, кўрдим, тирик экансан, ноқобил болам. Афтингга қара, ўша Гулнормисан, таниб бўлмайди!
— Кеча оғриб қолдим, дада,— бошини қуйи солган ҳолда жавоб берди Гулнор.
— Ўша ҳароми Йўлчи туфайлидан шунча азоб чекасанмн, қизим? Қани у ҳароми, қани жувонмарг? Ўхшатиб жазосини берай ҳали ман уни...
— Шошманг, дада,— Гулнор унинг сўзини кесиб қичқирди,— нега Йўлчига жазо берасиз, унда ҳеч гуноҳ йўқ. Унга раҳмат денг. У мани ўлимдаи қутқарди. Мард экансиз, бонваччаларга жазо беринг, уларни шарманда қилинг!
— Ахир, ким сани йўлдан адаштирди, ким сани бу ҳолга солди? У эмасми!—қўлини пахса қилиб қичқирди Ёрмат.
Нақ шу вақтда ташқаридан ёт эркак овози янгради: — Ёрмат, ман кирмоқчиман!
— Пана бўл!— қизига буюрди Ёрмат.
Гулнор кўрпанинг бир чеккасини бошига тортиб яширинди.
Олимхон эллик боши ҳужрага кирди, жирканган назар билан у ҳужрадаги нарсаларни кўздан кечириб, Гулнордан пастда, деворга суялиб чўққайди. Кейин сип-силлиқ соқолини силаб, хўмрайди.
— Ёрмат, бу ерда сўзни чувалтирма. Қизингни авраб уйдан қочирган одам Йўлчи шайтон экани маълум бўлди. Энди маслаҳат шуки, қизингни етаклаб, тезроқ уйингга жўна. Йўлчи мендан қочиб қутулолмайди. Унинг жазосини сан эмас, ман бераман!.. Туринг, қизим,— эллик бошининг товуши бирдан мулойимлашди,— ота-онанинг бошини букманг. Ёшликдан, қисқа ўйлаганликдан у бечораларни анча ташвишга солдингиз. Биз бу галча кечирамиз. Уйга боринг, ота-она оёғига бош қўйинг, улардан розилик олинг!
— Тайёрлан, қизим. Санга юрт отаси эллик бошимиз гапирадилар. Эл орасида мани шарманда қилма, ёлғиз қизимсан, аяб турибман...— кейинги сўзларни Ёрмат зарда билан айтди.
Гулнор бу ёт кишининг эллик боши эканини билгач, ғазаби шиддатланди. Унинг олдида ҳамма гапни очиб ташлаб, Йўлчини оқлашга жазм қилди. Нафасини ростлаб, кўрпа орасидан:
— Эллик боши сизми?—деди пичинг билан жўрттага Гулнор,— икки оғиз арзимни эшитасизми?
— Гапиринг,— истамасдан жавоб берди Олимхон. Гулнор ҳамма ўтган воқеани ҳаяжон билан, лекин дадил сўзлаб, ҳали битиргани йўқ эди, Ёрмат ўрнидан сачраб туриб қичқирди:
— Ростми? Ман у бойваччаларга нима ёмонлик қилибман! Ман ҳали...
— Жим!— кўзларини Ёрматга олайтириб қичқирди эллик боши.— Хумкалла! Шариат йўлидан тойган қизнинг сўзига ишонасанми? Бари ҳийла, бари айёрлик, макр! Юртнинг энг обрўли одамлари бўлган Салим, Тантибойваччаларга бўҳтон ағдаришга йўл қўймайман. Чунки улар олижаноб одамлар, уларнинг дилида тариқча доғ йўқ. Биламан, анов ўғри йигитлар — Йўлчининг шериклари бўлади. Бойваччалар нима сабабдан қиз қочирадилар, уларга бундан нима фойда? Бўҳтоннинг ҳам эпи бўлади-да!
— Ёлғон!— жаҳл билан қичқирди Гулиор,— Йўлчи ҳеч гуноҳкор эмас, тақсир. Мани қутқаргандан кейин, қаерга борасиз, деб мандан сўради. Уйга қайтмайман, бошқа ерга борамиз, дедим. У мани шу жойга келтирди. Биз бирга тирикчилик қилишга аҳд қилганмиз, буни ҳеч кимдан яширмайман.
Эллик боши қовоғини солиб, бир оз ўйлади, қизнинг иродасини синдириш учун дўқ, таҳдидни кучайтиришдан бошқа чора тополмади:
— Қизим,— Гулнорга мурожаат қилди у,— яхшиликча уйга жўнайсизми, йўқми?
— Бормайман, Сизлар топган эрга тегмайман, ундан кўра ўлим яхши манга,— қагьий жавоб берди Гулнор.
— Шариатимизни оёқ остига олиб тепманг,— бўғилиб гапирди эллик боши,— ман сизни аяб турибман, сўзимни тингламасангиз, халқ орасида сизни тошбўрон қилдираман. Бошқа қизларимизга, покиза аёлларимизга ибрат бўлсин. Шариатимизнинг буйруғи ҳам шу. Ўзбошимча қизга марҳамат йўқ!
— Майли!—деб қичқирди Гулнор.
— Ёрмат, одаммисан, отамисан!— деб бақирди эллик боши,— ўл, кесак! Елкага орт қизингни!—деди-да, ўзи ташқарига чиқиб, эшикни «қарс» ёпди, ҳовли ўртасида нотинчланиб юра бошлади, кўчага ҳам бир-икки топқир чиқиб келди. Сўнгра, Парпи ёғчи билан бир четда қаққайиб шивирлашди. Ҳужра эшиги очилди. Ёрмат қизни сургабми, қўлтиқлабми, олиб чиқди, қиз нима ёпинганини Олимхон қоронғида кўрмади. Фақат қиз, кимнидир қарғар, «ўлдиринглар!» деб ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди. Улар қоронғида кўздан йўқолгач, эллик боши бирдан ғолиб, кибрли вазият олди ва Парпихўжа ёғчига сўзлади:
— Кўрдингизми, ноқобил фарзанд. Ман уни юртнинг катта бойига унаштирсам, нодон қиз бир ялангоёқ билан қочибди, кулиб турган бахтига юзни тескари буриш — бу қандай нонкўрлик! Раҳмат сизга, мусулмон комил одам экансиз. Биз қайдан билар эдик, бошлари оққан томонга қочарди кетарди. Лекин гап шу ерда қолсин, дурустми?— Эллик боши қоронғи кўчага чиқди. Парпихўжа ёғчи унинг пинжига тиқилиб, анча ергача секин-секин сўзлаб борди:
— Маҳалламнинг бирмунча обрўли одамиман, Олимхон ака. Алҳамдулилло, шу вақтгача номимга доғ тегдирган эмасман. Уйимга қиз қочириб келишга кимнинг ҳадди бор? Бунга чидаб бўладими? Алҳамдулилло, мусулмонман. Сезган замон тепа сочим тикка бўлди. Ман Йўлчини дуруст йигит деб ўйлардим. Бойнинг молларига кунжара оларди, ҳалиги хизматкорларим билан оғайни эди. Энди билсам, кўп ахлоқсиз йигит экан Йўлчи жувонмарг. Қандай пайқадинг, дейсизми? Буниси қизиқ. Кеча хуфтондан қайтсам, ҳужра эшиги тирқичидан ёруғ кўринди. Ҳалиги ҳўкизим жувозхонада. Ия дедим, секин бориб қулоқ солдим. Аёл овози... ғалати гаплар. Тирқичдан мўраладим; Йўлчи ҳам етук бир қиз. Яна қулоқ солдим. Ҳамма сир манга аён бўлди. Қиз Ёрматники! Кечаси билан яширин пойладим. Кейин қиз нотоб бўлиб қолди, бундан ҳам хабарим бор... Ёрмат эски мижозим ҳам чин мусулмон одам. Камбағал бўлса ҳам, инсофи бор, ақли бор, номуси бор. Қанча йил мандан кунжара олди. Дарров унга хабар бермоқчи бўлдим. Лекин, яна ўйлаб, арқонни узун ташлаб қўяй, дедим. Бугун кундуз хабар бердим. Аммо кун қорайганда кел, ман уйдаман, ҳовлиқмасанг бўлади, дедим. Нимага? Куппа-кундузи эшигимда ғалва зўраймасин дедим, тўғрими?.. Ҳа, баракалла. Мана иш силлиқ чиқди. Ҳароми Йўлчи бўлганда эди, бир тўполон ясарди аниқ...
Парпихўжа ёғчи пайлоқчилик, чақимчилик ишининг муваффақиятидан ғурурланиб, кўз учи, қулоғи билан тўплаган маълумотини сўзлаб бораркан, эллик боши уни тўхтатди.
— Хайр, раҳмат,— қадамини тезлатди.
У тўғри келиб Мирзакаримбойга йўлиқди. Қиз бир ўртоғиникига ўйнагани бориб, у ердан бир оз учиниб-қоқиниб келгани учун, никоҳни яна уч-тўрт кун кейинга суришга тўғри келганини сўзлади, Завқ-сафони тезроқ тотишга интилган Мирзакаримбой эътироз қилса ҳам, ниҳоят, қабулга мажбур бўлди. Олимхон қизнинг сарпасини эртагаёқ Ёрматникига чиқаришни таъкидлади. Бой уни бир оз ҳангамалашиб ўтиришга қистаса ҳам, бир ишни баҳона қилиб кўчага чиқди. Чунки Ёрматга баъзи гапларни уқтиришни истади: жумладан, қизнинг бойваччалар ҳақида сўзлаганларини тамом маъносиз, «уйдирма гаплар» эканини исбот қилиш ва қизни қандай асраш тўғрисида баъзи чоралар кўрсатишни лозим топди. Бундан бошқа, ўз қўлига қўндирган чиройли қиздан айрилган Йўлчи аччиқланиб, маҳаллада бирон тўполон кўтармаслиги учун, агар унинг қораси кўринса, тезда бир чора кўриш учун, кўчада юришни зарур билди, Бойнинг дарвозаси олдида у ёқ-бу ёққа юриб, Ёрматга қандай исбот қилишни ўйларкан, бойнинг йўлагида оёқ товуши эшитилиб, одам кўлкаси чиқди.
— Салимжонми?—деди астагина Олимхон.
— Йўқ, ман.
Эллик боши Тантибойвачча билан учрашганига севинди. Дарров унинг қўлтиғига кириб, бир неча қадам нари олиб бориб, тўхтади.
— Келинимиз топилди, иним Мирисҳоқ,— деди шивирлаб эллик боши.
Тантибойваччанинг нафаси ичига тушиб кетди, лекин бу ўнғайсиз, чатоқ аҳволдан қутулиш учун яна ўзини билмасликка солди ва секингина деди:
— Қаерда экан у дайди қиз?
— Бойвачча,— киноя билан кулиб шивирлади эллик боши,— тўғрисини айтаими, сизлар бу ишни эплай олмадинглар. Бундай ишга, бениҳоят уқув, чапдастлик, хўш, яна муҳокама ва моҳирлик керак. Энди Салимжонга кириб айтинг, бундай ишдан қўлини тийсин! Бу бир, сўнгра ҳовлиқмасин, хафа бўлмасин. Биз бу тўғрида «чурқ» этиб оғиз очмаймиз. Айбни кимга ўтказишни биламиз. Аммо манинг яхшилигимни унутмасин. Бу ахир ёмон гап...
Тантибойвачча индамай қолди. Папиросни лабига қистириб, бир қанча гугуртни чақа-чақа базўр ёндирди. Гугурт оловида эллик боши унинг юзидаги саросимани, титроқни кўриб, заҳарханда қилди. Бойваччаларнинг тузоғидан қизни Йўлчи илиб кетганлиги ва бошқаларни айтишни, ўз мантиқига кўра, лозим топмади. Таитибойваччанинг бу ҳақдаги саволларига «бир чаққон йигит» деб жавоб берди.
— Олимхон ака,— деди ялинган товуш билан Танти,— Салим ўз дадаси билан ҳазиллашмоқчи бўлди. Ман ҳам, тўғриси, бу ҳазилни маъқул кўрдим. Худо ҳаққи, бу нарса ҳазил эди. Аммо бир оз қўпол ҳазил бўлиб чиқди. Салимни қизартиш яхши эмас. Сўзингизда туринг...
— Яхшилигимни унутмасин, сўз битта!— деб эллик боши Тантининг қўлини қисди.

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

I

Гулнор ўз уйида ота-онанинг тергови остида уч кун қамалгандан сўнг, Мирзакаримбойга узатилганига бир ойга яқин бўлди. Келин ички-ташқи данғиллама ҳовлида, саройдай ҳашаматли, бой безакли уйларда уни ҳеч нарса қизиқтирмас, бу хонадоннинг одамлари ҳам, нарсалари хам душман, ёт, совуқ кўринар эди. Йўлча билан бир кеча-кундуз бирга яшадиги у ҳужра, Шоқосимнинг увадалари билан тўла, қоронғи тор ҳужра Гулнор учун, гарчи у ерда минг таҳлика, қўрқув остида қамалиб ўтиришга, ниҳоят, тутилишга тўғри келган бўлса ҳам, гўзал, ширин туйғулар, у ерда Йўлчи билан кечирган соатлар умрининг энг масъуд, энг унутилмас, энг ёрқин дамлари, умр тунида порлаган нодир юлдузлар эди.
Гулнор бутун юраги билан Йўлчига мафтун, унинг кўксини бахтсиз севги ҳасрати ва айрилиқ лим-лим тўлдирган. Унинг хаёлида ёлғиз Йўлчигина учади, фикран у билан сўзлашади, гўё йигит унинг сочларини силайди, кучли, кенг кўкрагига унинг бошини олиб эркаклайди, ишқ, ёшлик нури тўла кўзлари билан унга термулади, гўё юрагидаги чин, ёлқинли муҳаббатни сўз билан ифода қилолмай, боқишлари билан баён қилади...
Бу дардли ҳаётда Гулнорга ягона бахт — Йўлчининг синглиси Унсин бўлди. Бу, ўн беш-ўн олти орасида бўлган, қорамтир, лекин тоза, соғлом юзли, кўзлари болаларча ўйноқ — шўх, жингалак сочли, бўйчан, қишлоқча содда, самимий бир қиз эди. Гулнор унинг бурнини, пешанасини ва баъзи ҳаракатларини Йўлчига ўхшатди. Олди-кети болалар билан тўлган Турсуной, Шарофатхон Унсинни чўрига айлантирдилар. Қиз уларнинг болаларини боқади, кирларини ювади, уй-жойларини йиғиштиради ва ҳар қандай юмушни сўзсиз бажаради. Унсиннинг хўрланиши, оғир юмушларни бажариши Гулнорга қаттиқ таъсир қилди. Келинларнинг аччиқланганини сезса ҳам, ҳар вақт Унсинни чақириб, ўз ёнида узоқ олиб ўтиришга тиришади. Гулнор қиз билан гаплашганда унинг қишлоғи, уй-жой, тирикчиликлари, онаси — у бечора хотиннинг вафоти ва шунинг сингари нарсалар тўғрисида сўз очар эди. Йўлчи тўғрисидаги қизнинг сўзларини чуқур диққат билан, юрак тўлқини билан тинглар, ихтиёрсиз қуюлиб келган қайноқ кўз ёшларини, Гулнор баъзан зўрға яширар, баъзан яширишдан ожиз қолар эди.
Ҳеч нимадан хабарсиз Унсин, баьзи вақт: «Нега акамни кўрмайман, тоғам қаёққа юборган?» деб Гулнордан сўрайди. Гулнор эса титрайди, қандай жавоб беришини билмай, бошқа гапга чалғитади. Баъзан юраги тошиб, бутун дардини, яраларини Унсинга очишни истайди, лекин етим қизни қайғуга ботиришдан қўрқади. Чунки қизга севикли акасининг бахтсизлиги қаттиқ таъсир қилиши Гулнорга равшан эди.
Кечга яқин. Қор шиддат билан ёғади. Туманланган дераза ойналарида йирик қор парчалари оқ капалакдай уринади. Болалар ҳовли саҳнида қишнинг тоза оқ момиғида юмалашиб ўйнашади. Гулнор билан Унсин танчада ўтириб, бир-бирига меҳрибон эгачи-сингилдай сўзлашаркан, болалардан бири югуриб келди. Совуқдан қизарган бармоқларини оғзига тиқиб, пуфлаб Унсинга деди:
— Йўлчи акам чақиряпти, йўлакда.
Гулнор, гўё Йўлчи уни ҳам чақирган каби, нақ Унсин билан баравар ўрнидан сапчиб турди. Акасининг дарагини эшитиб юзига табассум ёйилган Унсин, ялт этиб Гулнорга қаради. Унинг юзида паришонлик, саросима, кўзларида чуқур дард сезди. Гулнорнинг гавдаси юрагида қўзғалган ҳислар бўронида нозик новда каби қалтирар эди. Унсиннинг нашъаси учқун каби бир онда сўнди. Гулнор эса оёқда туришга ожиз, тинкаси қуриган бир хаста каби, умидсизлик билан яна секингина ўтирди ва таажжубланган қизга шивирлади:
 — Тез чиқинг, акангиз...
Йўлчи бундан бир ярим ой илгари кечқурун, ўз ҳаёт қуёши Гулнорни Шоқосимнинг ҳужрасида қолдириб, улов қидиришга кетган эди, Қоратойга йўлиқди, қийинлик билан бир аравани байлашди, Гулнор учун қалин кийим, паранжи, кавуш топишни, аравани ярим кечада келтиришни Қоратойга топшириб, ўзи соат ўнларда қайтди. У тўппа-тўғри ҳужрага отилди: «Гулнор, Гулнор!» деб қоронғи ҳужрада ўз ёрини қидирди, товушига ёри жавоб бермагач, бутун ичи қалтираб, жувозхонага югурди, ҳаяжонланиб Шоқосимни чақирди. Дўсти икки букилиб, қоронғи жувозхонадан чиқаркан, унинг икки қўлини тутиб, бўғилиб сўради: «Қиз қани? Нима бўлди?» Шоқосим узун бир «уҳ» тортиб, бутун фожеани — Ёрмат бир амалдор одам билан тўсатдан етиб келиб, эшикка ёпишганлиги, у қаршилик кўрсатаркан, хўжайин уни уриб кўчага судраганлигини, ноилож қолиб, Йўлчи ё Қоратойни топиш учун кўчама-кўча юрганлиги, ниҳоят, қайтгач, бу ерда ҳеч ким қолмаганини сўзлади. Йўлчи отхона устунига суялганча ярим соат қадар жим қотди. Сўнг, бу сирни Ёрматга ким топшириши мумкинлигини сўради. Шоқосим «ҳамма балони хўжайини Парпихўжа ёғчи, бошлаб келганини» тахмин қилганини шивирлади. Йўлчи, кимгадир, таҳдид қилган каби, муштумини сиқиб кўчага отилди.
Ўша кунлар унга ёлғизгина ғазаб ва кин ҳоким бўлди. Кин ва алам билан суғорилган фикрлари энг кескин чораларга, энг даҳшатли можароларга ундади. Лекин эллик боши Йўлчининғ изига қоровул, ҳатто миршаб туширганлигидан хабардор бўлган ва бу кунларда уринишнинг фойдасизлигини яхши билган Қоратой, Йўлчининг тадбирларини маъқул кўрмади, ҳар бир фикрининг беҳуда эканини тушунтиришга тиришди.
У кунлардаёқ Мирзакаримбой даргоҳидан тамом чекилган Йўлчи бир ой ҳар ерда дарбадар кезиб, бу кун синглисини кўргали келган эди.
Унсин хизматкорхона эшигида мағрур, лекин ғамли, ўйчан ҳолда турган акасини кўриш билан югуриб бориб, уни қучоқлади. йигит синглисининг бошини силаб, дардли табассум билан термилди:
— Ака, нимага жим бўлиб кетдингиз? Тобингиз йўқми? Озибсиз-а... Ман сизни жуда соғиндим. Ҳар кун тушимда кўраман...— деди қиз.
Йўлчи синглисини хизматкорхонага олиб кирди. Иккиси ҳам наматчага ўтиришди. Бир неча минут сўзлашгандан сўнг Йўлчи сўради:
— Унсин, бу оила қалай? Кетасанми, ё бу ерда қола турасанми?
Унсин жавоб бермади, бир лаҳза ўйлагандан сўнг ўзи савол қилди:
— Сиз-чи?
— Ман бу ердан кетдим,— кўзини ерга тикди Йўлчи.
Унсин онасидан ёдгор қолган ва ягона зийнати бўлган юпқагина эски кумуш билагузукни айлантириб гапирди:
— Ман ҳам қолмайман, ака. Юмушлари оғирдир, деб ўйламанг, юмуш майли, ўзим хоҳламайман,
— Нимага?
Унсин акасининг кўзларига ғамгин, лекин чуқур меҳрибонлик билан боқди ва кўзларига тўлган томчиларни базўр тутиб жавоб берди:
— Бу ердагилар сизни хафа қилмаган бўлсалар, сиз бирдан кетиб қолармидингиз? Сиз хафасиз, яширманг, ака.— Унсин бир оз тўхтаб, сўнг яна давом этди:—Ман бу уйда Гулнор опам учун сочим оқаргунча хизмат қилишни истар эдим. У мани туғишган опадан афзал севади, шундай яхши жувон бўладими? Мани нақ кичкина қиздай қучоқлайди, овинади, ёнимдан айрилгуси келмайди. Барибир, ман бу уйда турмайман. Гулнор опани унутмайман сира, уни қўргали, тез-тез келиб тураман...
Гулнор Унсинни чуқур севишига ва бу қиз билан сўзлашиб юпанишига Йўлчи шак қилмас эди. У ўз синглисини Гулнордан айириб, уни золим танҳолик қучоғиға отишни истамаганидан, яна бир неча вақт Унсинни бу ерда қолдиришга — агар хўжайинлар маъқул кўрса мойил эди. Сўнгра, Унсиннинг яшаши учун мувофиқ бир оилани ҳали кўзлагани йўқ эди. Ўзи бошпана топа олмас экан, ёш қизни қаерга ўрнаштиради?
— Нимага хоҳламайсан, ёлғиз ман кетганим учунми? Хўжайинда менинг ҳақим турибди ҳали, сан бу ерда текин овқат емайсан, синглим.
— Қўрқаман бу ерда,— Унсин бошини эгиб, қўли билан кўзларини яширди.
— Кимдан? Нимадан?— сергакланиб сўради Йўлчи.
— Салим акадан. Ёлғиз кўрса, тегишаверади. Ёмон гаплар гапиради...— Унсин бошини ердан узмади ва юзи бир лаҳзада оловланди.
Йўлчи тишини қисиб, индамасдан ўрнидан турди. Унсиннинг қўлидан ушлаб турғизди. Уни эркалаб бошини, елкасини силади:
— Жоним, ичкарига кириб тайёрлан. Чақирганда чиқасан, кетамиз, ўксима...— деди-да, Йўлчи ичидаги оғриқнинг зарбига чидолмаганидан, тишини тишига босиб қисирлатиб кўчага чиқди. Бойнинг дарвозаси олдида тўхтади.
Қор кучли ёғарди. Кўчалар, томлар, деворлар, дарахтлар оппоқ. Сокин, ғариб қиш оқшоми. Қор капалаклари Йўлчининг қошларига, киприкларига қўнади, юзларига ёпишиб томчиланади. Йўлчи узоқда, мачит минораси устида қор билан яна кўпроқ қаппайган бўш лайлак уясига термилади. Нечундир, кўнгли бузилади. Ғариб, сокин бир қиш оқшоми... Эгни юпун одамлар дилдираб, бошлариин икки елка орасига сиқиб чопадилар. Мана Барат супургичи! Бозордан супургисини чақа қила олмай, яна орқалаб қайтаётир. Ана узун, арвоҳдай гадой, у Барат супургичининг эшигидан нон тилайди. У «ҳақ дўст ё Олло!» дейди. Овози атрофга йиғи каби тарқалади...
Мана кўчанинг бошида Салимбойвачча кўринди. У олифта тикилган қора мовут чакмонга ўралиб, бир қўлида зонтик ушлаб, ҳеч қаёққа назар ташламай, гердайиб келади.
— Қай гўрга йўқолдинг, ялинамизми? Сенга-я!— ёмон қараш билан Йўлчининг олдидан ўтди.
— Бойвачча!— ғазаб билан қичқирди Йўлчи. Салимбойвачча қонсиз юзини асабий буруштириб, дарвоза ёнида бирдан қотди.
— Бақирма, аблаҳ! Қулоғим бор...— бойвачча зонтигини ёпиб, Йўлчига ўқрайди.
— Сан аблаҳ! Кўзингни олайтирма!— бойваччанинг тумшуғига келиб қичқирди Йўлчи ва унинг билагидан маҳкам сиқди.— Шошма!..
Салимбойваччанинг кўзлари ола-кула бўлиб, юзидаги гўштлари пириллади, бу қандай гап? Бир хизматкор унга кичқирсин, «сан» десин, «аблаҳ» десин! Хизматкорлардан қулларча мутеликни, ҳар қандай оғир ҳақоратга «лом-мим» демасликни талаб қилган бойвачча бунга чидай олмади. Йўлчининг юзига урмоқ учун зонтикни кўтарди. Йўлчи у қўлини ҳам ушлаб, силтади. Зонтик ерга тушди.
— Уятсиз! Ёш қизга тиккан кўзларингни ўйиб оламан!
Салимбойвачча лабини тиржайтириб заҳарханда қилди.
— Қўлимни қўй, бақириш шунгами! Синглинг ким? Подшоҳ қизими? Жуда олтин бўлса ҳам... Йўқ, тузим, ноним сани қутуртирган, ит!— ўдағайлади Салим.
Йўлчи тишини қайраб, бойваччанинг кўкрагига зарб билан бир мушт туширди. Бойвачча гандираклаб уч-тўрт қадам нарида қорга йиқилди. Йўлчи этиги билан унинг думбасига яна бир тепди. Фақат, шу онда Ёрмат югуриб чиқди: «Ҳой, Йўлчи, эсингни едингми? Уят!» деб йигитга тирмашди. Намоздан келаётган одамлар ҳам югуришди. Йўлчини қучоқлашиб базўр четга суришди, ҳар ким ўз билганича насиҳат қила бошлади. Бойвачча кўкрагини ушлаб, энкайиб қалт-қалт титради, сўкишни аямаса ҳам, Йўлчига яқинлашувга ботина олмади. Ёрмат унинг кийимини қоқиб қўлтиғига кириб, уйга етаклар экан, у таҳдид қилди:
— Шошма ҳали, пешанангдан отиб, ерга чўзилтирмасам, одам боласи эмасман.
— Чийиллама!— деди ҳайқириб Йўлчи.— Олиб чиқ ўша темир сопқонингни!
Йўлчининг жавобига одамлар секингина кулишиб, «ажаб қилди» дегандай, бир-бирларига маъноли қарашиб олишди. Бойваччанинг қораси ўчгач, Қодир сувоқчи Йўлчининг елкасини қоқди.
— Болам,— деди у,— эҳтиёт бўл. Замон кимники — бойники! Одам отиш ҳам буларга ҳеч гап эмас. Буларни пул қутуртирган, булар ёмон одам: илондан чаён туғилган-да! Камбағалнинг тириги нима эди, ўлиги нима бўлади, шундай ўйлайди булар. Тўғрими гапим?—одамларга қараб қўйди сувоқчи. Баъзилар «тўғри» деб бош билан тасдиқлашди.
 — Токайгача эзиламиз, ота!?—Йўлчи муштумини сиқди.
— Вой хувори Йўлчи, бу гапинг ҳам маъқул, токайгача-а?—деди Қодир сувоқчи. Халқ тарқалди.

II

Атрофни қоронғилик босди. Йўлчи жимжит кўчада танҳо айланиб юриб, бойникига қайтди. Одатда Мирзакаримбой ўтирадиган меҳмонхонанинг деразасида чироқ ярқирар эди. Йўлчи уй эшигини очиш билан кўзлари бойнинг ўқрайган кўзларига учрашди. Лекин у лоқайдлик билан тиз чўкди. Улар бир-икки минут сукут қилиб бир-бирларининг ғазабли кўзларидан маъно қидиришди. Мирзакаримбой ёнбошидаги катта пар ёстиқни бир томонга итариб, тасбеҳни сандалга қўйди.
— Қаердасан, ҳароми? Бу ёқда шунча ишни бувингга ташладингми? Сендай йигитни асрагандан кўппак асраган яхши!..
— Бақирманг,— деди хўмрайиб Йўлчи,— шу вақтга давр эшитдим, чидадим, энди-чи? Йўқ!
Мирзакаримбойнинг кўзларида заҳар ёниб кетди:
— Санга бу тилни қайси қизталоқ берди!
— Зулмингиз берди!
— Зулм?— бой елкасини қисди ва қутуриб бақирди,— сан нонкўрсан, ман сани туққаним, жигарим, дедим. Овқат бёрдим, кийим бердим, бу — зулм эмиш! Жувонмарг бўл, нодон!
— Бекоргами?—Йўлчи Мирзакаримбойга томон гавдасини чўзиб қичқирди:— Сизда икки ярим йил ишлаб елкам яғир бўлди. Соқолингизда битта қора тук йўқ-ку, ёлғон гапирасиз, уят! Кийим дейсиз, қанақа кийим? Этик, чопон ва бошқаларни қўяверай, биронта янги дўппи кийганим йўқ бу остонада! Мана уст-бошим... Овқат дейсиз, қанақа овқат у? Мойли қообнни ўзингиз қайнатгансиз, бизларники маълум, овқат ҳам эмас, ювинди ҳам эмас. Сўзни чўзмайман: мен сиздан кетдим. Ҳақимни берсангиз бас!
Мирзакаримбой ўсиқ қошларини чимириб, сукут қилди. Йўлчидаги бу кескин ўзгариш унинг аввалги фикрини таъкидлади: у Йўлчининг қишлоқдан қайтиб, бирдан ғойиб бўлиши билан ўзининг Гулнорга уйланиши ўртасида бир боғланиш борлигига қаноат ҳосил этган эди. Чунки Йўлчининг Гулнорни севишини билар эди. Лекин, у бунга аҳамият бермай, «арази кўпга чўзилмас, яна қайтиб хизматимни бажарар» деб ўйлаган эди. Аммо ҳозир иш ўйлаганча чиқмади. Йўлчининг қарори қатъий кўринди. Унинг меҳнатидан рози бўлгани учун, бундай «азамат қулни» қўлдан чиқаришга ачинса-да, янги ваъдалар, авраш-алдашлар билан уни олиб қолиш мумкин эмаслигини сезди, итни ҳайдаган каби, қўлини силкиб бақирди: «Кет!»
— Ман ўзим кетганман, ҳақимни беринг!— деди сўнг совуққонлик билан Йўлчи.
— Қанақа ҳақ?— кўзларини олайтирди бой.
— Роса икки ярим йил ишладим. Шу муддатда, ҳаммаси бўлиб қирқ сўмга яқин пул олдим. Ҳақим шуми? Ваъдангиз қалай эди?
— Ваъда... Ҳм. Нодон. Хўжайин деган хизматкорни қизиқтириш учун ваъда қилаверади-да, ҳар қандай ваъдага ишонаверадими одам!
— Хўп, манга ортиқча тўламанг, таомилда қанча бўлса, шунча тўланг.
— Қирқ сўм пул эмасми? Сан нонкўрга бир тийин бермайман. Даъво қил кучинг етса агар,— деди-да, бой ёстиққа ясланиб олди.
Мирзакаримбойнинг бундай муомаласи Йўлчига таҳқирли бўлса ҳам, аммо кутилмаган бир ҳодиса эмас эди. Шунинг учун у томирларини тўлдирган ғазабини енга олди. Фақат ўзининг соддадиллигига, алданганлигига чуқур афсусланди. Камбағал Йўлчига пул ғоя эмас, айниқса Гулнор каби ҳаёт қуёшидан айрилиб, энг гўзал, энг порлоқ умидлари сингач, пулнинг маъноси қоладими? У нимага ярайди? Йўлчида ўз кучига ишонган, қадр-қимматини баланд тутган камбағал йигитнинг, одамликнинг ғурури кучли эди. Унинг учун, ҳозир унинг назарида оламда энг паст ва разил кўринган Мирзакаримбой билан пул юзасидан хириллашишни, ёқа бўғишни ўзига ор билди. Сачраб ўриидан туриб, бойнинг олдига борди. Масхара ва киноянинг заҳрини кўзларида ёндириб қичқирди:
— Бундан кўра гўнг титганинг яхши эмасми, кекса товуқ!
Бой вазиятини ўзгартмади. Лекин, юзи аллақандай ёмон бурушиб, қизариб кетди. Йўлчи эшикни қаттиқ ёпиб, ташқарига чиқди.
Узун, қоронғи йўлакдан чиққач, Унсин тўхтади. Қўлидаги тугунни бир эски пахталик нимча, бир чит кўйлак, онасидан ёдгор қолган эски шол рўмол,— акасига бериб паранжисини тузатаркан, ҳазин товуш билан:
— Гулнор опам йиғлаб қолди. Қучоқлади, ўпди. Акангиз сизни узоққа олиб кетмасин, тез-тез келиб туринг, деди.— Унсин бир лаҳза жим қолиб, сўнг шивирлади. Сизга салом деди, унутмасин деди. Ҳа, яна кўп гаплари бор экан, кейин айтаман деди, шўрлик...
Йўлчи кўкракни қисиб, парчаламоқчи бўлган қайғу тўлқини остида, бутун вужуди билан чуқур хўрсинд. Сўнг мажолсиз, ҳорғин товуш билан:
— Юр, синглим!— деди.
Янги қорни юмшоққина босиб боришади. Қор ёруғи билан кеча ним қоронғи; ҳамма ёқни жимжитлик босган. Кўча муюшида Йўлчи тўхтади. Қаерга бориши мумкин? «Қиш ўчоғи тор, тур, уйингта бор!» деган мақолни эслайди у. Уни танҳолик, ғариблик, йўқсиллик изтироби кемирадаи. У икки ярим йил бойнинг бўйинтуруғини судради. Нима олди! Оқибат мана шу! Унсин совуқдан тинчсизлана бошлайди. Оёқларини ерга уриб, қўлларини пуфлайди ва ҳайрон булиб акасига тикилади. Йўлчи бирдан: «Юр, жонтим!» деди-да бир ёққа юра бошлади. Лекин, нима учундир, қадамини жуда секин босгани, дам тўхтаб дам яна юргани учун, унинг изидан кетаётган Унсин бу тараддудга тушуна олмайди, соддадиллик билан ўйлайди: шундай катта шаҳарда жой топилмайдими?.. Раҳматли онаси нималарни орзу қилар эди! Бой тоғагникида ишлаб, Йўлчи кўп пул орттиради, уй-жой қилади, ер олади... қани? Йўлчи Шокир отанинг дўконхонаси эшигини астагина очиб боқди. Чунки аксар қиш кечалари маҳалладаги бекорчилардан бир нечаси бу ерга тўпланиб, «Аҳмад занчи», «Рустам Достон» каби жангномаларни биронта саводли одамга ўқитиб тинглашар эди. Ҳозир Шокир отадан бошқа ҳеч ким йўқ. У синглисини бошлаб кирди.
— Кел, қўзим!— ҳар вақтдагича мулойим қарши олди чол. Лекин йигитнинг орқасида турган паранжи-чачвонли Унсинга кўзи тушиб, «яна нима ҳангама?» деган каби, ҳайрат билан Йўлчига қаради.
— Ота, бу синглим,— табассум билан деди Йўлчи,— қишлоқдан олиб келганимни эшитгандингиз. Бойникида яшашини маъқул кўрмадим.
—. Яхши қилибсан: «Кабутар ба кабутар, жинс ба жинс». Маънисини тушунасанми? Тўғри, улар қариндошинг. Лекин улар сани ўз жинсига қўшмайди. Улар пул жинсидан. Дурустми?.. Ҳа, ўзинг тотиб кўрданг-ку. Ундай қариндошлардан етти ёт бегона яхши. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ; сан йўқсан, бу қизни хўрлайдилар...
Чол одатда биров унинг сўзини кесмагунча гапириб, ишлайверар эди. Йўлчи унга яқинлашиб, суяк елкасини аста қоқиб:
— Қулоқ солинг, ота, сўзингиз тўғри. Синглим ҳозир ча сизникида турса қалай бўлар экан?— деди.
Шокир ота ишни йиғди, кўзойнагини олиб қўйди.
— Сан ўғлимсан,— Йўлчига меҳр билан тикилди чол,— бу ожиза —қизим. Бир парча ер ҳаммадан қолади, ўғлим. Ҳеч ким қабрига орқалаб кетмайди. Қабр ўзи бошқа бир дунё!.. Худога шукур, кўрпа ёстиғим ҳам етади. Дам илиқ, дам совуқ танчам бор. Йўқни йўндирамиз, бу айни маслаҳат... Кампиримга йўлдош, етим гўдакларимга бош бўлади бу қизим...
Йўлчи бу қашшоқ, бу аламдийда чолнинг олижаноблиги қаршисида ўз миннатдорлигини қандай ифода қилишни билмай қолди. Уни қучоқлаб ўпгуси, ҳар бир толаси оғир меҳнат, алам билан суғорилган оппоқ соқолини кўзларига суртгуси келди. Дарров Унсиннинг қўлидан тутди:
— Ол чачвонингни! Мана отанг—бобонг. Қадрига ет,— деда-да, Йўлчининг кўзи намланди.
Унсин чачвонини олиб, уялинқираб ерга қаради ва секингина, лекин жуда самимий равишда деди: «Чин қизингиз бўламан, кўнглим билан хизматингизни қиламан, отажон!»
Чол калавланиб ўрнидан турди:
— Юра қол, қизим, ман сани кампирга топшириб чиқай.У ҳам одамшаванда...
Йўлчи Унсинни эшик олдида тўхтатди:
— Синглим, ўз уйингдай кўр, тортинма. Кампирнинг юмушларига қараш. Отам ёлғиз қўл, унга ип тайёрлаб бер, маҳсига шон қоқиш, пардоз бериш, шунга ўхшаш ишларни тез ўрганяб ол. Мен ўзим тез-тез хабар олиб тураман. Хайр.
Унсин акасини қучоқлаб, ҳар кун келишга ундан сўз олиб, қувонч билан чол орқасидан кетди.
Йўлчи ивирсиқ дўконхонада ёлғиз қоларкан, ўзини, Унсинни боқиш учун эртадан бошлаб бирон ишга уриниш зарурлигиии ўйлади. Чунки бойдан олинажак ҳақнинг шамолга учганига ишонар эди. Сўнгра, белбоғидан ҳовли пулини чиқариб санади. Аяб-тежаб харажат қилгани учун ёнида яна ўн беш сўм қолган экан. Шокир ота чиқиб ишга ўтиргач, пулнинг ҳаммасини унинг ёнига қўйди-да, ўрнидан турди. Чол қаддини кўтариб койиди:
— Ол буни. Нодонлигинг қолмайди-да. Йигитга пул керак бўлади. Бир қошиқ ёвғонимни қизимдан аяйманми? Ол, белингга қистир!
Йўлчи пулни олмади.
— Топган-тутганим сизники, Унсинники, ота! Пулни нима қилай?— деди.
Чол ундан бу кун шу ерда қолишини астойдил сўраса-да, кўнмади. Эрта-индин келишга ваъда бериб, чол билан хайрлашди.

ЎН БЕШИНЧИ БОБ

I

Ҳакимбойвачча Фарғонадан қайтган куниёқ, бир юмуш буюришга Йўлчини сўради. Ёрмат унга Йўлчининг кўпдан буён ишламаслигини, бир ҳафта аввал бир кўриниш бериб, ўша кун алоқасини тамом узиб кетганлигини сўзлади. Ҳакимбойвачча кўзини катта очиб, бунинг сабабини суриштирди. Ёрмат бутун воқеадан яхши хабардор бўлишига қарамай, табиий, айтмади: «Сира хабарим йўқ, Ҳаким ака. Уни биров айнатдими, ё ўзи меҳнатдан совиб, ғурурлик, саёқлик йўлига тушдими, билмайман», деди.
Ҳакимбойвачча учун Йўлчи синалган, азамат бир малай ва бир чеккаси қариндош эди ҳам. Шунинг учун бу ишни суриштира бошлади. Бу тўғрида нима эшитганлигини ўз хотинидан сўради. У қишлоқдан синглисини келтириб, ўзи бирдан ғойиб бўлганлигини, кейин тўсатдан пайдо бўлиб, Салимбойваччани одамлар орасида урганлигини ва ҳоказоларни сўзлаб берди. Бойвачча аччиқланди. Лекин умуман аёлларнинг сўзига инонмагани учун, Салимбойваччанинг ўзига мурожаат қилишни лозим топди. Салим ҳам бутун айбни Йўлчига ағдариб, ўзини қуруққа тортди. Унинг «ахлоқсизлиги» тўғрисида бирмунча гаплар тўқиди ва дадасини ҳақорат қилганлиги, ҳақимни еб кетди бой, деб кўча-кўйда бойни қоралаб юрганлигини айтди.
Ҳакимбойвачча илондай тўлғанди. Бу қандай шармандагарчилик? Унинг укасига— Салимбойваччага бир хизматкор мушт кўтарсин! Мирзакаримбойни қораласин!.. «У итга сабоқ бериш учун бирон чора кўрмаганлигидан» укасини койиди. Чунки Ҳакимбойвачча «ор-номус»ни биладиган ва уни қўриқлайдиган киши, у ўзининг ва оила аъзоларининг устига чанг қўндиришни истамас, оиласи билан ҳеч қандай оилани тенглаштирмас эди. Мирзакаримбой хонадони! Бу қандай улуғвор, тоза,  донгдор оила!..
Бундан бир қанча йил бурун, Ҳакимбойваччанинг яқин дўстларидан бир киши, қандайдир бир ўтиришда Мирзакаримбойга орқаваротдан тил тегизганини эшитиб, у билан узоқ замон олишган, судларга қатнаган, унинг бошига кўп кулфатлар келтириб, ниҳоят, кўпчилик орасида узр айтишга уни мажбур қилган эди!
Ҳакимбойвачча Йўлчига жазо беришга қарор қилди. Иккинчи кун пешиндан кейин эллик бошини чақиртирди. Меҳмонхонада қабул қилиб, бир катта хитой лаганда уйилган қирғовул, каклик гўшти қовурмаси билан зиёфат қилди. Таом иштаҳа билан ейилгандан сўнг, ранг-баранг қимматбаҳо мевалар, қаймоққа қорилган нонлар билан тўла дастурхон ёзиб, аччиқ чойни қуя бошлади. Нақ Олимхон эллик бошининг кўнглидагидай зиёфат: жиҳозларга бой, гўзал, нақшкор меҳмонхонада ўтиради, яна нодир таом, нодир мевалар, аччиқ хушбўй чой, донгдор бойвачча билан суҳбат! Олимхон яшнаб кетди. Бойвачча ўзининг фарғоналик дўстлари билан бўлган ўтиришларидан, ҳар турли зиёфатлардан сўзлади, унинг дўстлари бўлган фарғоналик икки бойнинг яқинда «ким ўзарга» қилган ўғил тўйларини, бу тўйлардаги базм, улоқ ва ҳар хил ўйин-кулгиларни, умуман, овозали тўйларда бўладиган дабдабаларни ҳикоя қилди. Олимхон диққат ва мароқ билан тинглади. Кейин сўз жаҳон урушига кўчди. Урушда оқподшоҳнинг қўли баланд эмаслигидан бойваччанинг кўнгли хира бўлди. Аммо, эллик боши уруш ниҳоятида оқподшоҳ ғолиб келишини исбот қилишга тиришди. У бунинг учун шундай мулоҳаза юргизди: «Тарихда, яъни одам алайҳиссалом замонидан то шу дамгача уч одил подшоҳ бўлган: Нўширавон, Ҳорунил Рашид ҳам ҳозирги подшоҳи аъзам Некалай. Адолатли подшоҳ ҳеч вақт мағлуб бўлмайди. Адолат шундай зўр бир нарса, биз Туркистон мусулмонлари ҳамият камарини белга боғлаб, оқподшоҳга кўпроқ ёрдам берсак, душманлар тезроқ тор-мор қилинади, зафар қулайроқ ва тезроқ келади...» Эллик бошининг мантиқига Ҳакимбойвачча эътироз қилишдан ожиз қолди. Бир оз ўйлаб:—«Шу айтганларингиз тўғри чиқсин», деди-да, суҳбатни ўз мақсади томон бурди. Бу замонда ёмонларнинг кўпайгани ва ҳоказо ҳақида шикоят қилди. Мисол учун Йўлчини олди. Укаси Салимга у «нонкўр»нинг мушт кўтарганини эшитиб тепа сочи тикка бўлганини, ниҳоят, унга бир жазо беришга жазм қилганини сўзлади.
— У беғубор йигит эмас,— айёрча табассум қилиб, кўзларидаги маънони яшириш учун ерга тикилди эллик боши.— Маҳалладаги йигитларнинг бари манга маьлум. Юриш-туриши, кўкрагидаги дарди, дилига туккан гинаси — ойнадай равшан. Билиш менинг ишим-да. Бировнинг моли йўқолса, ўғриси бу ёқда қолиб, тўғрисини ёқлайманми? Баъзи эллик бошилар бўлади, ёлғиз номи эллик боши, улар маҳаллани танимайди...
— Олимхон ака, сизга ҳаммамиз қойилмиз,— деди бойвачча,— асли рисоладаги эллик боши—сиз. Аммо, сизга бир дарра етишмай туради-да, маҳалла фуқароси анча ҳушёр бўлиб қоларди...
— Ҳали ҳам шакалоқни ишга солиб қўямиз.— Эллик боши панжасини ёйиб кулди ва сўзини давом эттирди— Фуқарода норозилик зўрайди, бойваччам.. Фақирликка бўйсунмайди, қимматчиликни Оллодан кўрмайди. Бир кўпи бойлардан кўради. Ўғри, муттаҳам, дайдиларнинг сони йўқ. Яхшики ўрис тўралари, полициялар — ишбилармон, ҳокимликка уста одамлар. Улар гоҳ қамчин билан, гоҳ қилич, гоҳ тўппонча ва милтиқни аямай ишлатиб, халқни босиб туришибди. Бўлмаса, худо кўрсатмасин, халқ аллақачон бош кўтарган бўларди.
Бу сўзлар Ҳакимбойваччада кучли таъсир қолдирди. У юртдаги тинчсизликнинг сабабини диннинг сусайганидан, уламоларнинг халққа раҳбарлик қилмаганидан кўрди. Эллик боши бу фикрни жуда маъқуллади ва у ҳам бу хусусда анча маълумот берди. Фикр олишув натижаснда улар шундай қарорга келишди: Ҳакимбойвачча онасининг арвоҳига «хатм қуръон» қилади. Бунга Тошкентнинг машҳур уламо ва мударрислари, жадид тоифасидан ҳам кўзга кўринган шахслар даъват қилинади. Зиёфат, албатта тўкин-сочии бўлади. Мана шу ерда халқни тарбия қилиш, инсоф ва тавфиққа, сабр-қаноатга чақириш, мачитларда намоздан сўнг халққа диний ваъз-насиҳатлар сўзлаш масалалари музокарага қўйилади...
— Бойвачча,— жиддий равишда гапира бошлади эллик боши,— бу тадбирингиз кўп яхши самаралар беради. Биринчидан, халққа нуқул фойдали иш, чунки сиз халқни тўғри йўлга бошлайсиз, иккинчидан, юрт тинчийди, учинчидан, номингиз кўтарилади... Катта ўрис ҳокимларимиз эшитсалар, жуда хурсанд бўлишлари аниқ, сизнинг хизматингизни, ҳамиятингизни ҳеч вақт унутмайдилар...
Ҳакимбойвачча жуда талтайиб кетди. Айниқса серсавлат, гердайган рус ҳокимларига яқинлашув орзуси уни маст қилиб, ҳатто Йўлчи масаласини ҳам унутаёзган эди, эллик боши ёдига туширди:
— Анов ҳароми Йўлчини нима қилмоқчисиз?
— Ҳа, айтгандай,— пешанасини қашиб гапирди бойвачча,— нима қиламиз, ҳайронман. Дуруст одам бўлсайди у, судга берардим, ё ўзини чақириб, ўхшатиб сўкардим. Бу нарсаларга у арзимайди. Шунинг учун қаматсак, дейман. Қалай?
— Бўлади. Кўздан йўқолгани яхши...— деди эллик боши.
— Олимхон ака, олинг шу ишни.
Эллик боши муғамбирларча жилмайди, аччиқ чойни маза қилиб ҳўплаб-ҳўплаб ўйлади: «Бойваччалар ҳар бир ишни биров орқали бажаришни яхши кўришади. Бу иш ўзи учун ҳам осон. Манга ҳам қийин эмас. Маҳкамага бориб Ҳакимбойваччанинг обрўсини дастак қиламан. Тўраларнинг оғзига уриш учун пулни бойвачча беради. Мандан нима кетади, қабул қилаверай; укаси Салимбойвачча қўлимда. Энди катта бойваччанинг ҳам кичкина бир сирини қўлга илай. Бундан қандай фойдаланишни ўзим биламан... Аммо эллик боши оғир масала қаршисида қолгандай, бир вазият олди, юзига машаққат ифодасини кийди ва тараддуд билан сўзлай бошлади:
— Бойваччам, бу жуда мушкул иш. Дуруст, Йўлчи ёмон бола. Аммо, биз уни орқасида қопи билан, қўлида тугуни билан ёқалаганимиз йўқ, пичоғида ҳали қон кўрмадик. Маҳкамадаги ўрис тўраларини қўлга олиш, Йўлчини бирон нарсада айблаш керак бўлади. Бу нарса ҳазил эмас! Лекин камина сизнинг илтимосингизни ерда қолдиришдан кўра, ҳар қандай машаққатни ўз зиммасига олишни аъло кўради...
Ҳакимбойвачча ўз ташаккурини билдирди, бу масаладан кўнглини тинчитиб, яна сўзни уламо ва жадидлар билан бўлажак мажлисга кўчирди.

II

Қаҳратон қиш. Нима кўп — ишсиз кўп. Иш топиш қийин. Мардикорлик, дала ишлари йўқ.
Йўлчи узоқ ўйлаб ўтирмади. Икки қулоч арқонни белбоғ устидан бойлаб, ҳаммоллик қилиш учун бозорнинг энг қайноқ жойига борди. Бир томон чиннифурушлик, бир томонда атторлар растаси. Бир томон эса ҳар хил ширинликлар ва бошқа моллар сотиладиган «гул бозор»... У ерда отлар, аравалар, туяларнинг шовқини, аравакашларнинг сўкишлари, новвойларнинг қичқиришлари бир-бирига қўшилиб, аллақандай маъносиз, бошни айлантирадиган доймий бир ғовур-ғувур ясайди.
Йўлчи, лой йўлкада оёқларини солиб ўтирган қатор ҳаммоллар ёнига суқилди. Унинг олдидаги ҳаммол, ёмон назар билан ер остидан қараб, юзини тескари бурди. Йўлчи аҳамият бермай, ўз касбдошларини бир-бир кўздан кечира бошлади. Бу ерда йигирмага яқин ҳаммол ўтиради. Ораларида ўн тўрт-ўн беш ёшли, хаста каби рангсиз, ориқ болалар; юк кўтариш у ёқда турсин, афтидан, ўзини базўр эплаб юрадиган тинка-мадорсиз, елкаси чиқиқ, бели букик чоллар ҳам бор. Ҳаммасининг белида, елкасида эски-туски нарса, узуқ-юлуқ арқон, кийимлари жулдур, ифлос; кўплари чопон ўрнига жун қопга ўралган. Йўлчи диққат билан тикилиб, ҳеч бирининг оёғида этик кўрмади: кимда похол тиқилган ярамас кавуш ёки тушиб қолмасин учун каноп билан оёққа чандиб боғланган эски калиш, ё шунга ўхшаш бир нарса. Баъзилари эса оёқларини чурик латталар билан ўраганлар. Совуқдан кўкарган лой, кир бармоқлари чуриклар орасидан мўралаб туради.
Ҳаммоллар ўзаро гаплашмас эдилар: ҳаммасининг нотинч кўзлари юк қидиради. Мабодо бир киши ҳаммоллардан бири олдида тўхтаса, ҳаммалари бирдан туриб, унинг атрофини қуршайдилар...
Йўлчи бу ерда икки соат қадар ўтириб, бирон юкка илинмагач, кейин бозор айланиш учун туриб кетди. Қор эриб расталарни жуда ифлослаган, ҳамма ёқ пилч-пилч лой, балчиқ сув... Бозорда юрган халқ — фуқаро ҳам кир, юпун, исқирт, ғазабли; шошади, туртинади, уринади, сўкади. Уларнинг кўзларида ифодаси қийин аллақандай машаққат, камбағалчилик дарди, турмуш кечириш ғуссаси ётади. Осонми? Нарх-наво кун сайин кўтарилади. Халқда пул йўқ. Халқнинг аксари ишсиз. Деҳқоннинг ёзда топгани қишга етмайди, косибнинг бир ҳафталик ишига бир халта дон келмайди...
Йўлчи расталарни айланди. Мол ҳам кўп, пул ҳам кўп. Лекин булар бойларники!.. Бойлар катта-кичик, серсавлат, савлатсиз дўкон ва магазинларда гердайиб ўтирадилар. Мол ҳам, пул ҳам шуларники! Уруш ҳамманинг тинкасини қуритган, қурсоғини бўшатган бўлса, уларнинг бошидан зар сочиб, қурсоқларини яна қаппайтирган, уларнинг бири — ун, йигирма бўлган! Баъзи дўконларда, ердан шипга қадар қаланган моллар орасида ўн икки-ўн уч яшар жажжи болалар ўтиради, савдо қилади, чўт қоқади.
Йўлчи биринчи кун бозорни айлана-айлана кечга қадар уч-тўрт ерга юк орқалади. Кейинги юкни «Кўкча»га элтиб, шомда қайтди. Жами бўлиб бир сўм етмиш тийин пул ишлаган эди. Бир сўмга ўзи нон-чой олиб ичди-да, оч қорнини бир қадар овитди, қолганини «Унсиннинг насибаси» деб белбоққа тугди.
Шундай қилиб Йўлчи ҳаммол бўлди. Ҳар кун бозор айланиб, эртадан-кечгача тентиради, шаҳарнинг турли томонларига — узоқ, яқинга юк ташиди. Баъзи кунлар кўмирсаройга тушиб, кўмир, таппи, хашак келтирган қозоқларнинг туяларини харидорнинг уйига етаклади. Кучи, ғайрати орқасида ҳар кунги топишини ўзи ва Унсин учун, ғоят қийинлик билан бўлса-да, амал-тақал қилди. Баъзан ҳар кун, баъзан кун оралаб, кечқурун Унсинни кўргали Шокир отаникига келди. Бозордан келтирган нарсаларини Унсинга бериб, қизнинг кўнглини юпатиб кетди. Баъзан Қоратойнинг ишхонасида, баъзан чойхонада тунаб юрди.
Йўлчи Гулнордан айрилгач, юрагида ишқ алангаси яна кучайди. Унинг фикри, уйқуси, бутун борлиғи Гулнор хаёли билан банд; танҳо қолган чоқларда жинни каби, ўзи-ўзи билан гаплашади, ҳақиқатда эса, Гулнор билан ҳасратлашади...
Ҳаммолчиликнинг ўнинчи, ўн биринчи куни бир мўйсафид киши каппондан буғдой кўтартди. Йўлчи «Қорёғди» маҳалласига келиб, чол орқасидан янги, сирланган бир эшикка кирди.
Бу — атрофи янги уйлар билан ўралган қутичадай ҳовли эди.
Йўлчи ошхонадаги бордонга буғдойни ағдариб, ҳовлида чолдан ҳақини олиб тураркан, қаршидаги уйдан илжайиб Абдишукур чиқди. Йўлчи шошиб салом берди ва:
— Бу ҳовли сизникими, мулла ака?—деди. Абдишукур бошини қимирлатиб «ҳа» деди.
— Қизиқ,— кулиб сўзлади Йўлчи,— сиз билан учрашиш кимнинг ёдида бор эди? Хўжайинларникига бориб турасизми?
— Баъзан бориб тураман,— деди Абдишукур яқинлашиб, сўнг тикилиб сўради,— хўш, гапирчи, нимага ҳаммол бўлиб қолдинг?
— Шу иш қулай экан,— деди пичинг билан Йўлчи,— мана ҳозир бобойнинг чақасини олдим. Кетаман. Ҳеч ким тагимдан тутмайди. Лоақал кечалари тинч бўламан-ку...
Абдушукур «шу ҳам гапми» дегандай, лабини бурди.
— Тўғрисини айт, нима? Чиқиша олмадингми?
— Зулмга, жабрга чидай олмадим, мулла ака. Чин сўз шу... Мен ҳам одам фарзанди, токайгача тепки ейман. Нимасини суриштирасиз, мулла ака, хўжайинлар орасидан эпақага келадиганини қидириш анқонинг тухумини қидириш билан баравар экан. Уларнинг башараси, иши бошқа-бошқа бўлса ҳам, юраги битта бўлар экан. Кўрдик, синадик, мулла ака,— деди-да, Йўлчи хайрлашиб жўнар экан, Абдишукур уни тўхтатди. Чунки содда, ўқимаган, Абдишукурнинг таъбирича «кўзини жаҳолат пардаси қоплаган» бу йигитнинг сўзлари унга таъсир қилди ҳам бир татар уламосининг исломни ислоҳ қилиш тўғрисида ёзган илмий асарини ҳозиргина ўқиб битиргани учун вақти бўш эди. Сўнгра Мирзакаримбой ва унинг ўғиллари билан алоқаси яхши бўлганидан, бу йигитнинг улар тўғрисидаги фикрини билишни истади. Йўлчини уйга бошлаб кирди. Этиги лой бўлганидан, Йўлчи танчага ўтирмай, наматнинг учини қайириб, пастроққа чўккалади.
Уй кичкина, лекин ёруғ ва тоза эди. Танча устида газеталар, токчаларда китоблар қалашиб ётар эди. Қаршидаги деворда икки кишининг сурати кўзга ташланади: иккиси ҳам ҳарбий кийимда, иккисининг ҳам бошида «ҳожи дўппи», бири серсоқол, у қиличга суялиб туради. Иккинчиси, ёшроғи, буралма мўйловли, қотмагина. Иккисининг ҳам кўзлари ўқрайган. Бу уйнинг шунинг каби «безаклари»ни Йўлчи бир муддат томоша қилди. Ҳовлига чиққан хотинларга йигитнинг кўзи тушмасин, деган андиша билан бўлса керак, Абдишукур ўрнидан туриб икки деразанинг ҳам пардасини туширди. Кейин танчага бемалол ўтириб, газеталарга кўз югуртди ва Йўлчига деди:
— Сўзла, нима учун Мирзакарим отамнинг уйларидан кетдинг, у киши сенга қандай зулм қилди? Биз ҳам пича эшитайлик. Ким ҳақли, ким ноҳақ, ақл мезони кўрсатади...
Йўлчи ўз юрагини ҳар кимга очавермасди. Ўз аҳволидан шикоят қилишни ҳам ёмон кўрар эди. Лекин у ҳозир сўзлашга ички бир эҳтиёж сезди. Чунки, Абдишукурни дунёдан хабардор, ўқимишли одам деб билгани учун, у маъноли бир кенгаш берар, тўғри йўл кўрсатар, бош қотиргувчи саволларга жавоб қайтарар, деб ўйлади ва шу умид билан икки ярим йил ичида кечирган турмушнинг баъзи томонларидан маълумот берди, ҳатто бахтсиз севгисинииг баъзи саҳифаларини ҳам унга очди. Кейин бошқа хўжайинларда ишловчи хизматкорлар, қароллар, чоракорларнииг аҳволлари ўзиникидан дуруст эмаслигини ҳаяжон билан сўзлаб кетди. Абдишукур газеталарни эҳтиёт билан тахлаб бир ёққа қўйди. Кўринишда Йўлчининг сўзига оз диққат қилгандай бўлса ҳам, лекин унинг бирон сўзини тушириб қолдирмас эди. Йўлчи сўзини битиргач, Абдишукур илжайди, синовчи бир қараш билан унга тикилди.
— Шуми? Жабр қани?—ёлғиз сўз билан эмас, кўз-қошлари билан ҳам савол қилди Абдишукур ва давом этди,— шу нарсаларга аразлаб, бойникидан кетдинг, ҳаммолликни афзал кўрдинг? Эвоҳ ҳолимизга! Эвоҳ заволли Туркистон!..
Йўлчи унинг хитоблари қаршисида бир минут таажжубланиб, сўнг жавоб берди:
— Мулла ака, ҳаммоллик иш эмас. Ман ер ҳайдашни, кетмон чопишни яхши кўраман. Ерни яшнатишга ҳам анча моҳирман. Лекин, қани бир парча ер? Қишлоғимда ҳам йўқ, шаҳарда ҳам йўқ! Ҳали дедим-ку, хўжайинларнинг ерида кетмон чопмайман. Қарол, хизматкор бўлиб ишлашга тавба қилдим, Киши бир марта алданади-да. Ер куч билан, тер билан унум беради. Ман кучимни, теримни тўкай, фойдасини сояпарвар бойлар кўрсин, ман икки қўлимни бурнимга тиқиб қолаверай! Қани инсоф? Яна бунинг устига ҳақорат, хўрлаш, менсимаслик...
Абдушукур бир муддат хомуш ўтирди, сўнг бош бармоғини тишлаб ўйланиб деди:
— Ука, менимча, ғафлатдасан, ўқимаганликдан бўлса керак, фикринг кўп нимарсалардан ҳали ғофил...
— Сиз тушунтиринг. Мен ёшликдан отамга қарашдим, пода боқдим, машоқ тердим. Ҳар кимнинг юмушини қилиб ўсдим. Қишлоғимизда мактаб ҳам йўқ эди.— Ўтмишни хотирларкан, Йўлчи оғир хўрсинди.
— Менимча,— қаддини ростлаб олиб, жиддий гапира бошлади Абдушукур,— ғафлатинг шундаки, сан бой, камбағал, яна хўжайин, хизматкор дейсан. Қаердан чиқди бу гап? Бу айни нодонлик эмасми? Манимча, бой, камбағал, хўжайин, хизматкор йўқ! Манимча, фақат биз туркистонликлар, яъни турк мусулмон болалари бор, холос. Ҳаммамизнинг вазифамиз — қўлни қўлга бериб, ўртадаги низоларни йўқотиб, ё у низолардан кўз юмиб, яктан ишлашдир.
Мусулмонлар орасига фитна солиш қадар катта гуноҳ йўқ. Санинг ҳар бир сўзинг фитна тухуми, тушундингми?
Йўлчи икки-уч минут ҳайрат ва саросимада қолди. Абдишукурнинг сўзларини яна бир марта ўйлаб чиқди. Кейин «Мулла ака»га қараб, киноя билан қошларини чимирди.
— Ман хўжайинларнинг бўйинтуруғига калламни тиқай, ишлай, улар обдан мойимни шилсин, кейин мани «ҳушт!» деб ҳайдасин, ман гадой бўлай, исириқчи бўлай! Сиз ўз қўлингизни бировга бериб: «Сурга, анов чуқурга итариб юбор!» дейсизми?.. Хўп. Нега бой йўқ, камбағал йўқ дейсиз? Тўғри, ҳаммамиз мусулмонмиз, бир юртда яшаймиз. Аммо Мирзакаримбой бошқа, ман бошқа! Хўжайинлар бор, малайлар бор. Ойни этак билан яшириб бўладими? Хўш, нега манинг ҳақ гапим фитна бўлади?
— Тушун,— бўғилиб, қўлларини ҳаракатга солиб гапирди Абдишукур,— тушунсанг-чи ахир, бой кимники? Хўжайин кимники?! Ўз бойларимиз, яъни мусулмон бойлари эмасми? Ўзимиздан бойлар, хўжайинлар кўпайса ёмонми?.. Мусулмон бойлари қувватлансин, савдоси ривож топсин. Сан буни арзу қил, йигит! Динимиз низони эмас, иттифоқни буюради. Тушунасанми бу сўзларга? Худога шукур, бойларимиз орасида саховатли одамлар ҳам бор. Улар фақирларга закот берадилар, яланғочларни кийинтирадилар. Бойларимизга қарши адоват — нодонликдан келиб чиқади, ука!—Абдишукур хумор бўлгандай дарров папиросга ёпишди.
Йўлчи бошини қимирлатиб, кўз учи билан боқди-да, заҳарханда қилди.
— Саховатли бойлар!— аччиқ кулиб давом этди Йўлчи.— Улар қани? Ман кўрмадим, мулла ака. Балки топилиб қолар битта-яримта шундай бемаъни. Лекин уларнинг у рўзадан бу рўзага берадиган садақаси дарёдан томчи эмасми? Бойнинг закоти билан кун кечирадиган битта оила борми?.. Йўқ. Бойлар камбағалдан шилишга уста. Хайр ишига бели оғрийди. Бойларнинг «ҳийлаи шаръий» деган ўйинлари бўлар экан. Ман буни ўз кўзим билан кўрдим. Бундай найрангга ҳали ҳам ҳайрон қоламан. Мана: ўтган йил рўзада бир кун кечқурун Мирзакаримбой Ёрматга извошни қўштирди. Кейин маҳалланинг сўфисини чақиртирди. Сўфи, камбағал одам, келди. Мирзакаримбой: «Мана бу от-арава сизники, сизга бердим, қани, ўтириб бир жавлон қилиб келинг», деди. Сўфи кулиб извошга ўтирди.
Ёрмат ҳайдаб кетди. Бир оздан кейин, афтидан, катта кўчани бир айланиб, қайтиб келишди. Бой, извошдаги сўфига яқинлашиб, бир ўн сўмлик қоғозни кўрсатди, секингина шундай деди: «Сўфи, от-аравангизни бизга сотинг. Мана баҳоси». Ўн сўмни сўфига қистирди. Ман ҳеч нарса тушунмадим бу ҳангамадан... Эртаси Ёрматдан сўрадим. У ҳар балони билади. «Ҳийлаи шаръий» закот бериш дегани шу деди у. Ҳаммасини тушунтирди, от-арава беш минг сўм туради. Бой уни гўё сўфига берди, кейин ўн сўмга яна сотиб олди. Шу билан бой икки юз минг сўм учун берадиган закотдан қутулди... Буни қаранг, икки юз минг сўм учун ўн сўм закот! Яна шунақа ҳийлалар билан ҳамма закотдан бой қутулади, лекин бу йилги ҳийласи жуда антиқа бўлди, деб Ёрмат ҳам таажжубланди. Абдишукур ака, буни кўзим кўрмасайдим, ишонмасдим. Аммо, кўрдим. Хўп, борди-ку ҳамма бойларингиз закотини тўғри берадиган бўлсин, лекин садақа билан яшагандан кўра ўлган яхши эмасми? Сиз бутун халқни гадой, тиланчи қилмоқчимисиз?!—Йўлчи киноя, истеҳзо билан Абдишукурга тикилди. Абдишукур бошини базўр кўтарди ва секингина минғирлади:
— Табиий, боёнларимизда ҳам жаҳолат зўр. Кўплари ҳали ўз вазифаларини тушунмайдилар, халққа ота бўлишни, ҳомий бўлишни билмайдилар. Аммо секин-секин уларнинг кўзларини очиш, юрт оталари эканликларини тушунтириш мумкин бўлади. Гап иттифоқда, баҳамжиҳат бўлишда, укам. Орага фитна солиш ёмон нарса. Сўнгра ҳар ким ўз вазифасини билиши керак: Яраларимизга, дардларимизга малҳам қидирган ва оламдан хабардор, кўзи очиқ одамларимиз бор. Юрт қайғусига улар чора кўради. Санга нима? Сан ўз тирикчилигингни қил. Қош қўяман деб кўз чиқарма! Заволли Туркистон учун бойлар керак!
Йўлчи ғазабланиб, «Битта ўқимишли сизми?» деб қичқирмоқчи ҳам бўлди, лекин лозим топмади. Тишини қисиб, сабрсизлик билан ўрнидан турди. Ҳали у бу уйга кираркан, бойдан ҳақини талаб қилиш учун «мулла ака» дан йўл-йўриқ сўраш, мумкин бўлса, бир ариза ёздириш фикри бошига келган эди. Энди, барчасидан воз кечди ва ўз ичида шундай ўйлади: «Бойларнинг жарчиси экан. Бойлар, бойваччалар анойи эмас, унга ўз меҳмонхоналаридан жой бериб, зиёфат қилишлари бежиз эмас экан. Бойлар юртнинг оталари эмиш! Улар ишининг ривожланишини орзу қилишим керак эмиш-а! Каллами, ошқовоқми? Эссиз шунча газет, эссиз шунча китоб..»— У эшитилар-эшитилмас овоз билан «хайр» деди. Йўлчи бу сўзни Абдишукурга айтиб, у билан хўшлашдими, ёки бу сўзни «майли» маъносида ишлатиб, ўз-ўзига дедими,— билиш қийин эди. Абдишукур ўрнидан туриш-турмасликни билмай, бир қўзғалиб қўйиб, яна ўтириб қолди.
Вақт кечга оққан эди. Йўлчи яна бозорга қайтишни истамади. Чойхоналардан бирига кирди. Устунга суяниб, тахта каравотда оёғини узатиб ўтирди. Чой чақирди. Чойхонада узун бўйли, узун кўлоҳли қаландар кўзларини юмиб, қалин, янгроқ овозини баланд қўйиб, Машрабдан ғазаллар ўқийди. Пахталик чопони устидан узун эски оқ яктак кийган, бошига каттагина салла ўраган, ўн-ўн икки яшар юмалоққина бола тийрак кўзларини жавдиратиб, чинқироқ товуш билан қаландарга жўр булади. Улар одамлардан чақа йиғиб ғойиб бўлгач, Йўлчи чойни оҳиста ҳўплаб Абдишукурнинг сўзларини эслади, дам аччиқланиб, дам киноя билан илжайиб фикран Абдишукур билан баҳслашиб ўтираркан, биров унинг елкасини қаттиқ туртди. Йўлчи аланглаб қаради: чойхонада ҳамма тик туради, қўллар қовуштирилган, кўзлар қўрқувли, нотинч. Йўлчи ўзидан бир неча қадам нарида хўмрайиб, ҳаммага разм солган шоп мўйлов, юмалоқ, сариқ полиция бошлиғини кўриб қолди. Бу тўра «сартлар» тўпланган жойларда бирдан пайдо бўлар, ғазаб чақмоғини чақиб, ўз ҳокимиятидан «сартлар»ни огоҳлантириб, яна йўқолар эди. Айниқса, уруш бошлангандан буён бундай «кезишларни» ва зуғумини кучайтирган эди. Йўлчи илгари, ҳамма каби, ноилождан унга салом бериб юрар эди. Ҳозир унинг заҳарли назари остида, секингина ерга тушди, лекин қўл қовуштирмади, қандайдир хомушлик, бепарволик билан жимгина турди. Полиция бошлиғи унга томон кескин қадам ташлади, пишиқ ўрилган чарм қамчини билан Йўлчининг очиқ кўкрагини ва бўйнини узиб олди. Йўлчи сесканмади, кўзларига ғазаб қуюлса ҳам, вазиятини ўзгартмади. Қамчи унинг баданини эмас, кўнглини тилгандай бўлди. Полиция бошлиғининг кўзлари кўк олов билан ёниб кетди, бўғилгандан юзи қизариб тиришди. Шу вақтда катта саллали, тетиккина бир чол қўлларини кўкрагига қўйиб ялинди: «Тўрам, тақсир, ман биноват. Пажалиска, пажалиска. Бола парадкани сапсем билмайди. Кечиринг, тўра!..» Ёшимни ҳурмат қил, дегандай, кўркам, оқ соқолини кўрсатди. Полиция бошлиғи ярим русча, ярим «сартча» сўкишлар билан чолни жеркиб ташлади. Бу ҳолига Йўлчининг юрагини эзди.
— Ота,— деди Йўлчи чолга бориб,— раҳмат сизга, лекин заҳарини солган илонга ялиниш ярамайди!
— Узр айт, болам. Золим билан тенглашма!— деди чол.
— Нима гуноҳ қилдим? Қамчига узр сўрайманми!— деди-да, Йўлчи секингина ўз жойига ўтирди. Қўйдек ювош «сарт»дан бундай муомалани сира кутмаган полиция бошлиғи аччиғидан тутақди. Йўлчининг юз-кўзи аралаш яна қамчи солди. У қимир этмади, фақат чаққонлик билан қамчинннг учини ушлаб қолди. Полиция бошлиғи кескин силтаб тортди, лекин йигит қўйиб юбормади. Полиция бошлиғи чала-ярим билган «сарт»ча сўкишларни қалаштириб, ёнган кўзларини атрофга, бошқа одамларга олайтира бошлади, Йўлчининг бу жасорати—шу ердаги ҳамма «сартлар»нинг иши эмасми, деган бир шубҳа унда туғилган эдн. Йўлчи буни пайқади-да, бир зумда одамларга қараб чиқди. Баъзиларнинг кўзида зулмга нафрат, баъзиларида ёлғиз қўрқув кўрди. Эшикка яқин турган одамларнинг қочишга мўлжаллаётганини сезди. У ўз туфайлигидан бир кўп одамларнинг айбланиши мумкинлигидан қўрқди. Қамчини аста қўйиб юборди-да, секингина ўрнидан турди. Аммо, қўл қовуштирмай, яна лоқайд қолди. Бир қўлида чилим, бир қўлида чойнак кўтариб, йўл устида чойхоначи югурдаги туради, у қўрққаниданми, ё Йўлчига ачинганиданми кўзларидан мўл-мўл ёш қуяди.
Ҳамманинг тили кесик, фақат шипга осилган беданалар уринади. Тўрқовоқ ёриғидан бир қанча тариқ ва қуш тезаги полициянинг шоп мўйловига, кўкрагига тўкилди. Лекин у сезмади буни. Одамларга ўтириш учун қўполгина ишорат қилди. Кейин тўхтовсиз сўкиб, жаҳл билан Йўлчига русчалаб бир нима деди. Йўлчи бошини силкиб, тушунмаслнгинн билдирди. Орқадаги бир кекса миршаб: «Отингни, дадангнинг отини айт!..» деди. Йўлчи айтиши билан полиция бошлиғи ва миршаб бир-бирларига маъноли қарашди. Миршаб Йўлчининг қўлидан тутди ва ўқрайган ҳолда, бобиллади: «Роса қўлга тушдинг! Уч кундан бери қидираман сани!» Йўлчи сабабини суриштирмади. Тишини қисирлагиб деди: «Тўпнинг оғзига қўйиб отиб юборинглар мани, қонхўрлар!» Полиция бошлиғи чойхоначига нима тўғрисидадир бақириб, эшикка чиқаркан, Йўлчини туртди: «Айда, ёмон одам!» Йўлчи орқага бурилиб, бутун аччиғи билан ҳайқирди: «Сан одам эмас, чўчқасан!» У қамчини, Йўлчи эса чўқмоқдай муштини кўтарди...

ЎН ОЛТИНЧИ БОБ

I

Зангори бир нур билан порлаган тиниқ самода баландланиб, мағрур турналар аллақачонлар учиб ўтди. Яна баҳор... Қуёш кундан-кун кучлироқ қиздиради. Чурик бўғотлари осилган, қиш бўйи шиплардан сув силжиб томчилаб, одамларни бурчак-бурчакка қисилишга мажбур этган эски уйларнинг томлари четида майсалар кўкаради. Кейинроқ, бу майсалар, кўкатлар орасида лолақизғалдоқлар қон-олов ранг билан ёна бошлади. Ярмидан ортиғи сотилгани учун, Шокир отанинг туморча шаклли кичкина ҳовлисидаги нокнинг йўғон, эгри, чирик танасида қаққайган икки катта бутоқ ҳам оппоқ гул билан қопланган.
Ер олувчининг орзуси ва режасига мувофиқ, раҳмсиз равишда кесилиб, туморча шаклига кирган, кекса нокли, фақир ҳовлида Унсин икки ярим ойдан буён яшайди. Чол ҳам, кампир ҳам унинг кўнглини кўтаришга ҳар важҳ билан тиришадилар. Уларнинг бири олти яшар, бири тўрт яшар етим набиралари Унсинни севадилар. Унсин келгандан буён касалларга кинна солиш, туққан хотинларга доя бўлиш учун кампир бемалолроқ юра бошлади. Кампир йўқ чоғларда Унсин болаларни ўз бағрида олиб ўтиради, уларни ювинтиради, эски-туски кийимларини ямаб-ясқаб, бутун қилади. Кечқурун декчани қайнатиб — қора шўрва, атала-умоч, мошхўрда каби камбағалча овқатларни пишириб, Шокир ота бошлиқ ҳаммалари ўртада баҳам кўришади. Лекин қиз буларни юмуш ҳисобламайди. Халфа-шогирдсиз, ёлғиз ўзи ишлаган Шокир отанинг қашшоқлигини яхши билади. Ҳақиқатан, чол у ҳафтадан бу ҳафта бир неча жуфт бачкана маҳси тайёрлай олади. Буни сотиб, чарм, ип, сирач, мум сингари косибчилик учун керакли ашёлар олади. Бир қанча танга орттириб қола билса, рўзғорга харжлайди. Баъзи ҳафталар бозордан қайтаркан, эшикдан алангланиб киради, бўш халта-хулталарни улоқтириб, куйиб-пишиб сўзлайди:
— Тери тағин сакрабди, олдига йўлаб бўлмайди, озиқ-овқат-чи, қайда! Мош, гурунч тугул, сўк ҳам ололмадим. Сўк ошини ҳам худо кўп кўрди. Қиммат бўлса ҳам ноилож олар эдим-а, лекин пулдан ҳемири ортмади. Ҳе, бу уруш бошга битган бало бўлди-да. Герман ҳам қурсин, халифаи руйизамин ҳам қурсин, оқподшоҳ ҳам қурсин. Энасининг маҳрини талашармикан!..
Унсин унинг ишини енгиллатмоқ истайди. Дастлаб ип эшиб, мумлаб беради. Ичкари уйда ўтириб маҳсиларга шоп қоқади, шондан туширади, пардозлайди. қорагул, лак суркайди. Аммо, бу билан иш у қадар енгиллашмаганини билгач, Унсин маҳси тикувни ўргатишни чолдан сўрайди. Шокир ота дастлаб бу талабни эшитгиси ҳам келмаса-да, кейинча, қизнинг қистовига бўйсуниб, ўргатишга мажбур бўлади. Чол унга сўзон — бигиз тутишни кўрсатади. Зийрак қизнинг қўли дарров келиша қолади. Тагига кичкина курси қўйиб, оёқларига дазгил чалмаштириб, эпчил қулоч тортади. Чокни пишиқ тикиши билан биринчи кунлардаёқ эски уста Шокир отани ҳайрон қолдиради. Бундан сўнг улар ўртасида иш тақсим қилинади: чол дўконхонада ўтириб, иш пичиб беради, Унсин ичкари уйда тикади. Шундай қилиб, чолнинг иши анча қулайлашди. У энди вақтининг кўпини ҳар ким келтирган ямоқларни ямаш билан ўтказа бошлади...
Бундай ҳаёт бир қаричликдан йўқчиликка, меҳнатга кўникиб ўсган қизни сира бездирмади. Лекин, кошки акаси Йўлчи бўлса!.. Унсин ёлғизгина Йўлчини йўқлайди, юраги унинг ҳасрати билан тўла; қўллари иш тикаркан, кўзларидан оққан қайноқ томчилар қуюлиб, унинг гўзал юзини куйдиради...
Йўлчи қандай меҳрибон ака эди! Ҳаммоллик кунлари деярли ҳар кун оқшом келар, Унсинни чақириб ҳол-аҳволини сўрар, кўнглини юпатар ва албатта, пул бериб кетар эди. Қиз бу пулни Шокир отага бериб, уни қувонтирар, мўл-мўл дуолар олар эди. Қани у севикли ака, қаерда, қайси зиндонда ётади?!
Йўлчининг тўсатдан ғойиб бўлиши, қизни ва чол-кампирни анча ташвишга солди. Чол бир неча кун юрса ҳам, турса ҳам бошини чайқаб: «Бу нима гап, қизим? Ақлли, ҳушли кап-катта йигит бирдан қорасини кўрсатмай кетсин!» дер, баъзан, қизни юпатиш учунми, ёки чинданми, шундай деб қўяр эди: «Ҳа, йигит махлуқ шунақа бўлади. Йўлчининг айни олов вақти-да, биронта ўз тенги билан бирга бахт қидириб кетдими, хувори!»
Чин хабарни эса кейинроқ Қоратой келтирди.
Шундан буён Унсин йиғлайди. Шокир ота: «золимнинг зулмидан асра!» деб Йўлчи учун қай ғуради.
Дўстининг дом-дарагини суриштириш учун Қоратой темирчи елиб югуради...
Унсин Мирзакаримбойникида яшаркан, акасининг ҳаётида даҳшатли бир воқеа кечганлигини сезса-да, бу нарса унга дастлаб чуқур бир сир каби кўринди. Кейинроқ, Гулнор билан ҳар кун сўзлашиш натижасида, бойнинг бу ёш ва чиройли хотини ва Йўлчи бир вақтлар бир-бирларини севишганликларини гумон қилди. Фақат, Шокир отанинг уйида яшай бошлагач, Унсин ҳамма воқеани — акаси билан Гулнорнинг севги эртагини кампирдан тўла эшитди. Табиий, Йўлчининг бахтсиз севгиси ёш қизнинг хаёлига ғоят кучли таъсир кўрсатди, унинг юрагида чуқур яра очди. Бунинг устига Йўлчининг қамалиши!.. Юрагидаги шунча ғам-ғуссани кўтариб, яна синглисига онадай, отадай меҳрибон ва гамхўр акадан айрилиш!.. Унсин йиғлайди ва ўйлайди: «Нега у шунча бахтсиз? Шундай чиройли, шундай келишган, шундай ақлли, кўнгли очиқ ва шундай мард йигитни нега бунча қийнайдилар!» Қиз Мирзакаримбойларни, ҳокимларни, тўраларни қарғайди, уларга ўлим тилайди. Қарғишдан бошқа нарсага кучи етмайди.
Унсин Гулнорни бутун кўнгли билан севар, Гулнорнинг хаёли ёлғиз Йўлчида эканини, Йўлчи учун доимо изтиробда эканини яхши билар эди. Лекин Мирзакаримбой уйидан нафрат қилгани учун, бир маҳаллада бўлишига қарамай, Гулнорни болаларча соғиниши ва Гулнор ҳам унга кўз тикиб ўтиришини билгани ҳолда — сийрак қатнар эди.
Баҳор қуёшининг нурлари кўк денгизига сиғмай тошади. Кекса нок дарахтининг гуллари оппоқ қордай учқунланади. Унсин туморча шаклли ҳовлига намат ёзиб, курсида ўтириб маҳси тикади. Юпқа девор билан ҳовлидан ажралган дўконхонада Шокир ота ишлайди. Баъзи вақт унинг қўшиғи Унсин қулоғига етади. Чол хаста овоз билан куйлайди. Овозини бир қўйиб, яна тўсатдан жим бўлади: «Пуф-пуф»— терига сув пуркайди ва кўва билан дўқ-дўқ уриб, чармни текислайди... Сўнг бирдан яна куйни бошлайди. Аммо, унинг қўшиғи, йиғи каби, юрагининг бир парчасини ўлим узиб кетган, ғариб, дардкаш одамнинг йўқлаши каби туюлади. Унсин диққат билан тинглаб, мана шу мисраларни уқиб олади:

Кўрмасайдим бу умр саҳросини,
Чекмагайдим кўкка ўтлик оҳини.
Пора-пора йиртди кўксимни стам,
Сўрғувчи борми кўнгилнинг зорини?..

Кампир уйда йўқ. Болалар ўйнаб келгани кўчага чиқиб кетган. Қаердадир чумчуқлар чирқиллашади. Танҳо Унсин маҳси тикиш билан овора. Маҳсининг чоки пишиқ бўлсин учун, мумли ёпишқоқ ипни ҳар қатимда бармоқлари билан «қир-қир» тортиб қўяди. Тикишга янги бошлаган чоғларда, мумланган ипнинг бармоқларга ёпишуви ва тортган вақтда қуруқ «қитирлаши» қизнинг ғашини келтирар эди. Энди бу нарса билинмайди.
Қиз мўлжалланган ишни битириб, ўрнидан турди, томларга қаради, баҳор, келгандан бошлаб, томларда ёш-ёш қўшни қизлар кўриниб қолар эди. Улар жамалакларига тол баргакларини тақиб кезишар, Шокир отанинг томи лабига қатор тизилишиб, бу «маҳсидўз қиз» билав бижир-бижир сўзлашиб кетишар эди. Ҳозир улар ҳам йўқ. Унсин туморча шаклли ҳовлида айланади, танҳолик ва ҳасрат унинг юрагини эзади. Онасини, қишлоғини эслайди. Акасининг дарди билан тўлган қалб учун, яқиндагина ўлган онанинг мотами ўз кескинлигини бир даражада йўқотган эди. Аммо, ҳозир унинг қалбида она ҳасрати бирдан тўлқинланади. Қани у, болаларини ўстириб, орзуси кўксида кетган шафқатли она? Уни кўриш, қучиш мумкинми? Қиз бутун вужудини тўсатдан қоплаган оғриқ билан онасини хотирлайди, унинг кўзларини, юриш-туришини, одатларини, жонли овозини ва бутун сиймосини даҳшатли бир соғиниш билан кўз олдига келтиришга тиришади. Лекин, тепаликдаги хароб қишлоқ гўристони ва онасининг дўмбоқ қабригина бутун чинлиги билан унинг кўзларига қадалади. Қиз чуқур, ичдан келган бир хўрсиниш билан хўрсинади. Йўлчи Тошкентдан борган вақтда, уни она қабрига бошлаб чиққан эди. Қалин қор билан қопланган қабрга бошини қўйиб, Йўлчи товушсиз, лекин бутун ўғиллик муҳаббати билан узоқ йиғлаган эди. У чоғ гўристон қор эди. Ҳозир, албатта, баҳор кўкатлари билан тўшалган... Узоқда баланд, паст тоғлар яшнайди, тепалар, адирлар ранг-баранг гуллар билан ясанади, сойликда сувлар тошиб ҳайқиради. Лекин буларнинг барчасини она кўрмайди сира!
Қишлоқдан чиқаркан иккинчи акаси Эргашга ялинган эди: «онамга фотиҳа ўқиб юринг, пайшанба кунлари кечқурун, албатта, шам ёқинг». Эргаш акаси буни бажардими, йўқми — ўйлар экан, паранжини қийшиқ ёпиниб, кампир кириб келди. Унсиннинг юзида ҳар вақтдагидан кўра ўткирроқ дард сезиб, бу куюнчак қиз ёйилиб келсин учун, қўшниларникига чиқишга буюрди ва ўз тенги қизлари бўлган бир неча ҳовлини кўрсатди. Аммо Унсиннинг кўнгли ўйин-кулгини кўтармас, шодлик унга бегона эди. Уига дардларини ўртоқлашувчи сирдош — қайғудош лозим эди. Кампир, ҳар қанча меҳрибон бўлмасин, Унсиннинг кўнглига, ўйларига, кечинмаларига яқинлаша олмас эди. У тўйлардан, азалардан, кир рўмолнинг учига туккан чақаси каби, эсига маҳкам жойлаб келтирган «миш-миш»ларни ҳар вақт эзмалик билан сўйлар эди: «Фалончининг хотини ўлган экан, гўри сира қазилмабди. Гўрков кетмон урса, ер нақ тошдай, кетмон юзини қайирибди... Биласанми, у хотин тириклигида нуқул «бурма кўйлак» кияр экан, мана жазоси! Фалончининг келини тўрт оёқли бола туғибди, пешонасида ҳам бир кўз бор эмиш, ё қудратингдан ўргилай! Фалончи одам ёнғоқ тагида ухлаб ётган экан, ажина чалиб кетибди. Фалон юртда одамлар яъжуж-маъжужни кўришибди. Охир замон яқинга ўхшайди, қизим». Бундай гапларни деярли ҳар кун эшитганидан, Унсин ишонмас ва тинглашдан ҳам безган эди.
Кампирнинг қистови билан қиз паранжи ёпинди, лекин қўшни қизларникига эмас, Гулнор билан дардлашгани кетди. Мирзакаримбойнинг ҳовлиси эшигида тўхтаб, ичкарига мўралади. Ҳаким ва Салимбойваччаларнинг хотинларига кўзи тушди. Улар деразалари ланг очиқ турган қаршидаги бир уйда ясанган-тусанган ёш аёллар билан чақчақлашиб ўтирадилар. Уларнинг чағир-чуғур аралаш қаҳқаҳалари ҳовлини янгратади. Гулнорга тегишли тўрдаги бир уй, бир айвон жимжит. Унсин бу томонга икки-уч минут разм солди. Уй ичидан дераза орқали Гулнорнинг кўланкаси кўрингач, ҳовлининг четидан чаққон югурди.
Гулнор шошиб-пишиб уйдан чиқди, Унсинни зинада қарши олди. Сўзсиз, лекин бутун юрак туйғуларини ифода этган кўзлари билан термилиб, қизни узоқ қучоқлади Уйга киритгач, самимий равишда шикоят қилди:
— Биласиз-ку мени, бу ерда танҳоман. Ораси яқин бўлишига қарамай, бу ғариб опангиздан тез-тез хабар олмайсиз. Ўзим чиқиб келай десам, илож тополмайман: остонани босишга ҳаддим йўқ...
Унсин: «Мен бу уйни ёмон кўраман» деб Гулнорни баттарроқ хафа қилишни истамади. Унинг шикояти қаршисида бир қадар тараддудланиб, сўнг юмушлари кўплигини, кампир бир қанча кундан бери бўлмагани учун, болаларни ташлаб чиқолмаганини баҳона қилди.
Гулнор дераза остига кўрпача солиб, қизни ўтқазди ва ўзи ҳам яқин ўтирди. Кўзларини бир-бирларидан бир он бўлсин айирмай, секин-секин дардлаша бошладилар. Гулнорнинг юраги яна яқинроқ, ҳасрати яна чуқурроқ кўринди Унсинга, шунинг учун бечора қиз акасининг тақдири тўғрисида сўз очмасликка тиришди. Аммо, Гулнорнинг бутун мавжудияти у йигитнинг хаёли билан банд бўлганидан, у, ҳар вақтдаги каби, Йўлчи ҳақида сўзлай бошлади. Фақат, ҳовлида кимнингдир қадам товушини эшитиб, дарров жим бўлди.
Даҳлизда Салимбойваччанинг хотини Шарофатхон кўринди. У ичкари кирмади, узоқдан сохта товуш билан чўзибгина гапирди:
— Гулнорой, юринг бу ёққа, меҳмонлар хафа бўлишади-я, улар сизни деб келишган. Ҳам обрўли одамларнинг хотинлари, сиз менсимаганга ўхшайсиз...
Гулнор ўрнидан туриб, Шарофатхон томонга икки-уч қадам қўйди ва юмшоқлик билан сўзлади:
— Уларга бир кўриниш бердим. Ўзларингиз жуда хурсанд бўлиб ўтирибсизлар, мана менда ҳам меҳмон бор.
— Эй... Ҳаммаси баҳона. Шу ҳам меҳмонмиш! Ҳе-ҳе-ҳе... Сиз боринг, Гулнор. Унсин пича юмуш қилсин.— Шарофатхон ўшшайиб гоҳ Унсинга, гоҳ Гулнорга киноя билан қараб давом этди.— Унсин, шумтака акангдан дарак борми? Жаззаси... Ўрис амалдорга тегажаклик қилишни унга ким қўйибди? Камбағал нарса чориғини судраб, тинч юрса бўлмасмиди?! У энди қамоқда чирийди. Жаззаси...
Гулнор индамай ерга қаради. Кейин қайрилиб Унсин ёнига ўтирди.
— Хафа бўлманг, Унсин,— титраб гапирди Гулнор,— акангиз чиққан кун сиз келиб, келинойингизни уялтирасиз...
Шарофатхоннинг сўзи Унсинга қаттиқ текканидан, ранги ўчиб, ерга қараб қолди. Лекин Гулнорнинг сўзи унга далда берди. Қаддини кўтариб, жасур боқди Шарофатхонга:
— Келинойи, акам бировнинг томини тешиб қамалган эмас, ё бировнинг ҳақини еган эмас. У камбағал бўлса ҳам, ялинчоқликни билмайди. Тўғриликдан, мардликдан қамалган...
— Мардмиш! Қишлоқи бўлсанг ҳам бир маҳмадонасанки...— деди-да, Шарофатхон лаб-лунжини буриб ортиқча кибрли юриш билан чиқиб кетди.
Гулнор бир «уҳ» тортиб:
— Кўрдингизми?— деди-да, Унсинга қаради. Гўё у биргина сўз ва боқиш билан бу уйда ва бу одамлар орасида кечирмоққа мажбур бўлдиги ҳаётнинг бутун оғирлигини ифода қилмоқчи бўлди.
— Қийин,— деди пешанасини тириштириб Унсин. Гулнор дастурхон ёзди. Ҳовлидан бир чойнак чой келтирди. Ўзи ҳеч нимани истамаса ҳам, қиз тортинмасин деб ундан-бундан емоққа уринди ва меҳмонини ундади, бунга қарамай Унсин икки пиёла чой ичиб, дастурхонни йиғдирди.
Гулнор дераза орқали ҳовлига кўз ташлаб, Унсинга яна яқинроқ ўтирди ва шивирлади:
— Унсиной, анча вақтдан буён ўзимча бир нарсани ўйлайман, шуни сизга айтай. Бу ўйим тўғрими, йўқми, сиз гапиринг...
Унсин бутун диққатини туйғун кўзларига тўплаб, Гулнорга тикилди.
— Бу замонда,— давом эттирди сўзини Гулнор,— ким бой бўлса — унинг оғзи катта, тили узун. Биласизми, бойлардан биттаси ўртага тушса, акангизни қамоқдан бўшатиш осон бўлади. Шунинг учун сиз Ҳакимбойваччага йўлиқиб, унга ялинсангиз, Йўлчибойнинг арзимаган нарсага қамалганини, ёт ерда ёппа-ёлғиз қолганингизни айтиб берсангиз... Шояд сизга раҳм қилса... Ўрис амалдорлардан унинг гуноҳини тиласа... Мен ўйлаб-ўйлаб шундан бошқа илож тополмадим. Булар, ҳар нима бўлмасин, сизга қариндош-ку. Ҳакимбойвачча укасига ҳам, дадасига ҳам ўхшамайди, раҳм қилса ажаб эмас. Лекин,— Гулнор нафасини ростлаб, яна атрофга кўз ташлаб, давом этди,— ман бу нарсани анчадан буён ўйлайман-ку, акангиз қамоқдан чиқиб, биздан хафа бўладими деб қўрқаман. У буларнинг ҳаммасини ёмон кўради. Бошқа илож йўқ. Ўзи қутулса, бас эмасми? Лекин Ҳакимбойвачча ҳозир бошқа шаҳарда, у келсин.
Унсин чаккасига қўлини тираб, ғамгин вазиятда, бир дақиқа ўйлади... Кейин бирдан енгилланиб, паст овоз билан сўзлади.
— Майли, Гулнор опа, акам мандан хафа бўлсин. Ҳаммасини ўзим қилдим, дейман... Лекин, бир нима чиқармикан, шунга ҳайронман: ахир, акамнинг устидан чақиқ бўлганмиш-ку? Бойларнинг чақиғи билан Йўлчининг иши оғирлашди, деди Шокир ота.
— Чақиқ?—таажжубланди Гулнор.— Билмадим. Балки Салимбойвачча чаққандир. Акангиздан калтак еган у. Мана хотинини кўрдингиз-ку, нималар деди?
Унсин Гулнорнинг сўзларига эътироз қилолмади. Лекин Ҳакимбойваччага кўринишга тараддудланди.
— Ман бу ерда яшаганимда у киши йўқ эди,— деди Унсин,— ундан кейин ҳам сира учратганим йўқ. Отини эшитаман, холос, қанақа одам, билмайман. Ҳам бошқа шаҳарда дейсиз, қачон қайтади, кутиб турамизми?.. Мирзакаримбой тоғамдан сўрасам, қалай бўларкан? Уни... хуш кўрмасам ҳам, у, тил учиданми ҳар вақт манга «жияним» деб, ширин гапиради. Бир унга ялиниб кўрай, нима дейсиз, Гўлнор опа?
Гулнор бошини эгиб, чуқур сукутга ботди, бир лаҳзада юзини изтироб кўлкаси қоплади. У ўз ичида ўйлаб қизни Ҳакимбойваччага ялинтиришга мажбур қилишни истамади ҳам унинг қай вақт қайтишини билмас эди: балки бир ой, балки икки ойдан сўнг... Аммо, ўзининг чол эрига ҳеч кимнинг ялинишини истамаганидан, иккиланиб қолди. Бойдан шунча жабр кўрган, шунча ҳақоратланган йигитнинг синглиси яна ундан тиласин... «Қиз ҳали ёш. Акасининг бошидан ўтган воқеаларни юзакигина билса керак. Балки, шўрлик қиз, акасини бир кун илгарироқ кўришга интилгани учун бунга розидир»... деб ўйлади-да қизнинг бошини силади ва индамасдан, секингина ҳовлига чиқди.
Унсин ўз сўзининг Гулнорга қаттиқ текканини сезди, афсусланди, кўнгли алланечук паришон бўлди: «Хўп. Ҳакимбойвачча келсин, унга ялинай, Гулнор опанинг айтгани бўлсин...» деди ўз ичида қиз.
Токчалари ҳар хил қимматбаҳо асбоб-идишлар билан тўла бўлган, тахмонларида ипак, атлас кўрпалар шипга қадар тахланган, қўша-қўша гиламлар яшнаган бу уй Унсин ёлғиз қоларкан, аллақандай совуқ туюлди. Бошқа вақтда, бошқа ерда кўзни беихтиёр тортувчи буюмлар ҳозир қизнинг руҳини сиқди. У Гулнор орқасидан чиқмоқчи бўлганда, Гулнорнинг нозик ва нафис қомати даҳлизда кўриниб қолди. У уйга кириб, тик турган ҳолда, ёниқ, йиғловчи товуш билан деди:
— Унсин, бошқа йўл йўқ. Чолдан сўранг. У ҳар балони билади, ҳар ишнинг уддасидан чиқади. Ман ҳали рози бўлмагандим. Унсин, майли, сўранг, ялининг. Сиз ялинасиз, аммо акангиз ялинмайди, булардан ўчини олади. Яхши биламан буни. У қамоқдан қутулиб чиқса, уни бир кўрсам, нима қилиш керак, ман ўзим айтардим... Уҳ, шу бугун сўранг, шу ерда, менинг қошимда сўранг... У, раҳм-шафқатни билмайди. Майли, яна бир марта синаймиз!
Гулнорнинг бутун қатъият ва ҳасрат билан айтган сўзлари ва қўллашга мажбур бўлдиги тадбир, унинг, Йўлчи учун қандай кучли қайғурганлигини қизга яна чуқурроқ сездирди. Унсин чол кечга қолмай келса, уни кутишини сўзлади.
Мирзакаримбой намозасрга яқин келди. Унсин ўрнидан туриб, қўл қовуштириб, бир чеккага суқилди. Бой салла-чопонини ечиб, хотинига берди, қозиқдан дўпписини олиб кийиб, кўрпачага ўтирди-да, Унсинга қаради:
— Жиян, шундамисан? Ўтир-ўтир...
Чол ҳар вақтдаги каби жиддий сукутга ботди, сўнгра соатига қаради.
— Ҳай, ким,— Гулнорни шундай чақирди у,— овқатни тезроқ қилинглар.
Гулнор эшитилар-эшитилмас бир нима деб жавоб берди ва токчадан асбоб олмоқчи бўлиб, қизга яқинлашди-да, кўзлари билан унга имо қилди: «Сўзланг!» Унсин бир неча минут сўз тополмасдан ийманиб, иккиланди. Ниҳоят титроқ товуш билан деди:
— Тоға, ман сизни кутиб ўтирган эдим.
— Маними?— чол бошини кўтариб қизга қаради.— Ҳали ҳам анов... маҳсидўзникидамисан? Аканг тентак йигит, кўп ноқобил чиқди.
— Яхшими-ёмонми, у сизга жигар бўлади. Ҳам сизда шунча йил ишлади. Тоға, ман бу ерда ёлғизман. Онам бўлсайди, қишлоғимга кетардим. Тоға, сизга ялиниб келдим, Йўлчи акамни қамоқдан чиқаришга кўмаклашинг. Сизни ҳамма танийди: ўрис тўралари сўзингизни ерда қолдирмаслар, икки оғиз сўзингизни биздан аяманг. Онамнинг арвоҳини хурсанд қиласиз, тоғажон!—қиз сўнгги сўзларни йиғи аралаш, базўр сўзлади. Бой бир-икки минут жим қолди.
— Аканг жуда тентак, жуда бўлимсиз йигит,— деди ниҳоят пўнғирлаб бой,— ахир, амалдорларимиз, ҳокимларимиз билан ҳазиллашиб бўладими?! Ўрис амалдорларига нечоғлик таъзим бажо қилсанг, шунча яхши. Улардан ҳеч бир кишига ёмонлик келмайди, улар ёлғиз тартибни, тавозени талаб қилишади. Чунки улар ҳоким, биз фуқаро. Ман ўзим ҳар бир амалдорга қўл қовуштираман, ман-а, ман! Аканг-ку бир ялангоёқ нарса.
— Акам ёшлик қилгандир ҳам ўзи унча-мунча гапни кўтармайдиган йигит, илгаридан феъли шундоқ. Онамнинг арвоҳи учун, ман учун ёрдам қилинг, тоға!
— Қадимдан қолган бир гап бор, жиян: «Олатўғаноқ оғир бўлса ҳам қарчиғайдек бўлмас»,— заҳарханда билан сўзлади чол.— Унинг қўли қаерга етади? Ўз қишлоғида, ўз тенглари орасида ҳар номаъқулчиликни қилса ўтаверади. Бу ер шаҳри азим, бу ер Тошкент. Хўш, у тентакни қутқазиб нима қиласан, жиян? У тузалмайди. Қамоқда эзилса, мулла минган эшакдай бўйнини солиб, бир кунмас-бир кун балки чиқиб келар, қўявериш керак, жияним, Унсин...
Унсин бундай муомалага, бундай заҳар тилга қарши қандай жавоб беришни билмай ғазабдан қалтиради. Бойнинг сўзига даҳлизда қулоқ солиб турган Гулнор чидай олмади, уйга кириб, Унсиннинг ёнига чўққайиб ўтирди ва дадил гапирди:
— Шу етим, шу ғариб қизнинг кўз ёшларига ачинмайсизми? Сиздан бошқа кими бор? Ҳаммаларингнинг юракларинг тош-метиндан ҳам қаттиқ экан... Жилла бўлмаса яхши сўзланг, далда беринг бу қизга...
Мирзакаримбойнинг ранги ўчди, кўз оқлари даҳшатли равишда ўйнаб кетди. Жаҳлдан дудуқланиб, Гулнорга бақирди:
— Сан-санга нима? Аб-аблаҳ!.. Кимга ачинаман? Унинг бир муттаҳам темирчи дўсти бор. Шокир эзма деган бир отаси бор. Улар қутқарсин. Сан бу ишга иккинчи марта қоришма!..
Гулнор кескин ҳаракат билан ўрнидан турди: «Сизлар одамгарчиликни билмайсизлар!» деди-да, қалтираб даҳлизга отилди. Унинг орқасидан Унсин чиқди, энтикиб-энтикиб деди:
— Акамни шунча йил ишлатиб, ҳақини бермадингиз. Энди қамоқда чиритмоқчимисиз? Худо сизга ҳам кўрсатар!
Қиз даҳлизда, эшик орқасида кучли ҳаяжон ва саросимада турган Гулнорни қучоқлади, секин шивирлади: «Қайғурманг, опажон. Қора кунлар ўтар, ёруғликка чиқармиз. Ман сизни сира унутмайман». Кейин тезгина паранжисини ёпинди. Ҳаяжонини, кўзларидан оққан ёшларни ҳовлида бошқалар кўрмасин учун, шу ердаёқ чачвонини тутди, «хайр» деб югура кетди...

II

Бир ой ўтди. Бу ой — Гулнор учун айниқса чуқур қийналиш ойи бўлди. У эрта-кеч ўз-ўзини койиди, ўзининг соддадиллиги, ишонучанлигидан аччиқланди: «Эсимни танигандан буён бойнинг, унинг ўғил-қизларининг ёмонлигини билиб, кўриб келдим. Лақма бўлмасам, Йўлчининг қамоқхонада чиришини истаган одамлардан уни қутқаришни умид қилармидим? Бечора Унсин... Ғамига ғам қўшилди. Илгари акасининг тез кунда чиқиб қолишини кутар эди. Энди-чи? Бойнинг аччиқ сўзлари, ярамас ниятлари унинг юрагини чил-чил қилгандир...»
Унсинни кўришга интилди, соғинчи ҳар кун зўрайди. Лекин қиз бирон марта ҳам кўриниш бермади. Гулнор бунинг сабабини, албатта, яхши билади. Унсин унга аччиқ қилиши, ундан аразлаши мумкин эмас. Унсиннинг юраги, акасининг юраги каби. Гулнорга нисбатан тоза ҳам самимий. Қиз Мирзакаримбой остонасини босишни истамайди, холос... Шундай бўлса ҳам, Гулнорни ҳар хил мулоҳазалар, андишалар, гумонлар босади. Унинг бахтига, бу ой ичида тез-тез оғриб турди. Бетоблик унга яхши баҳона бўлди: табиб чақиришни эсга келтирмасдан, «кинна» солдириш учун Шокир отанинг кампирини чақиртираверди. Ҳар гал кампир билан ёлғиз қоларкан дарров қизнинг ҳолини сўради. Биринчи марта гаплашувда Унсиннинг маҳси тикишини, Шокир ота оиласида ҳукм сурган қашшоқликни эшитди. Юраги эзилди. Қиз маҳси тикишини, йўқчилик, муҳтожлик ичида яшашини Гулнордан яширган эди. У билан сўзлашганда, тирикчиликка оид ҳеч нимадан зорланмаган эди. Ҳақиқат равшан бўлгач, Гулнор боши оғригунча ўйлади. Кампир кетиш олдида уч кийимлик атласни бир рўмолга ўраб, унинг қўйнига қистирди. «Сотиб рўзғорга харажат қилинг. Жон буви, асло Унсинга билдирманг. Унинг кўнгли бузилмасин...» деб кампирга тайинлади. Бир ҳафтадан сўнг «кинна» баҳонаси билан кампирни яна чақиртириб, ўз кийимларидан бир нечасини берди.
Кундан-кун ҳаво қизиди. Тўрт томони баланд уй, айвонлар билан ўралган ҳовлида нафас бўғила бошлади. Ҳаким ва Салимбойваччаларнинг оилалари боққа кўчишди. Бу кун Ёрмат қизининг кўчи учун арава келтирди. Мирзакаримбой кечқурун извошга ўтириб, боққа боришини билдириб, эрта билан дўконга жўнади. Ҳозир катта ҳовлида Гулнордан бошқа ҳеч ким йўқ. Ерга уриб синдиришни истадиги саноқсиз асбоблар, идишларни пала-партиш йиғиштириб, сандиқларга жойлади. Боққа олиб кетиши лозим бўлган буюмларни бир ёққа айирди. Бу иш жуда маъносиз кўринди, тинкаси қуриди.
Ўзининг паришон хаёлига берилиб, кимсасиз ҳовлида кеза бошлади. Нечундир бу танҳолик ва бу жимжитлик унга ёқди. Ўз майлига берилиб, ғайри шуурий равишда ташқари ҳовлига ҳам чиқди. Атрофга ғишт ётқизилиб йулка қилинган теп-текис, чор бурчак ҳовли қуёшда қизиб жимгина ухлайди. Қайси бир кавакда чумчуқ болалари чирқиллайди, томдан каптарларнинг ўксиз «ҳу-ғу, ҳу-ғу»лари эшитилиб қолади. Дамма меҳмонхоналарнинг ойнавон нақшли, бўёқли эшиклари ва деразалари бекик, қалин пардалар билан қопланган. Гулнор тентираб юраркан, кўзи хизматкорхонага тушди. Ҳовлининг бир бурчагига тиқилган бу кичкина, кўримсиз уйнинг шалақ-юпқа тахта эшиги ҳам, ўйинчоқдай бачки, синиқ деразаси ҳам очиқ эди. Гулнор кирди. Қуёшга терс, бурчакка тиқилган бу уйчадан ҳали қиш нафаси ўчмаган, вахкашлик ва чирик ҳаво нафасга уради. Деворлари, шиплари ўргумчак инлари, ипир-ипир қора ислар билан қопланган. Қозиққа осилган, чанг босган эски дўппидан бошқа ҳеч иима йўқ. Гулнор дўппини олиб қоқди, ёруққа тутди. Йўлчининг дўпписи! У, дунёда энг қимматли, энг нодир буюмни топган каби, ҳадсиз севинди. Тер, мой ва чангни йилларча шимган, жияги чармдай қотиб, кирдан йилтираган бу дўппини яна тозалади, қоқди, кўзларига суртиб ўпди. Юрагида дард тўлқини бирдан кучли чайқалиб кетди. Уй ичи Йўлчи хаёли билан тўлди. Ўтмиш равшанлик билан кўз олдида жонланди. Мана, бир қиш кечаси қандай даҳшатли қўрқув, таҳлика остида бу уйга кириб, қоронғида Йўлчи билан бир неча минутгина сўзлашишга журъат қилган эди! Оғриққа бориб етган кучли бир орзу унинг бутун вужудини ҳозир эгаллаб олди. Йўлчининг кучли, эркак нафасини, дудоқларида унинг бўсасининг жонли оловини бир лаҳза сезди. Деразага суялди, хаёл ва кечинмалар сеҳрига соатларча берилиб қолди. Ташқарида каптарларнинг «ҳу-ғу»си, чумчуқларнинг чирқиллашидан бошқа говуш йўқ... Гулнор бирдан чўчиб кетди: қорнида бир ниманинг анча сезиларли равишда урганини туйди... Дарров англади—у ҳомиладор! Шу онда қалтираган, оёқларида қитдай куч қолмаган каби, ерга йиқилаёзди. Бир қўли билан деразанинг дастагини ушлади. Кўз олди қорайиб, бутун ичини, борлиғини оғриқ-алам сиқиб олди. Кўзларини чирт юмди. Бошида ҳорғин, паришон фикрлар учди. «Бахтсиз бола! Тезгина дунёга қадам қўйиб, дадангнинг набиралари ва эваралари кетидан пилдирлаб югурмоқчимисан? Агар сен Йўлчининг боласи бўлсанг эди, мен унга аллақачон сендан хабар берар, ундан севинчи олиб қувонар эдим. Сен дунё юзини кўриб, чақалоқ овозинг жаранглаган кун, содда қишлоқ хотинлари билан уйимизда кичкина бир тўй ясар эдик. Мана, мен — онанг, сени унутибман. Ўз борлигингни ўзинг билдирдинг. Мирзакаримбойнинг боласи, унинг эварасидан ҳам кичик боласи!..»
Гулнор йўлак томондан дадасининг овозини эшитди. Дўппини қўлтиғига тиқиб, кўз ёшларини арта-арта, калавланиб ичкари ҳовлига чопди.
— Қаёқда юрибсан? Бу ёқда шунча нарса ётибди, эшикларинг ланг очиқ. Жуда бепарвосан-да, қизим!— норозиланди Ёрмат.
Гулнор индамади. Ўз уйига кириб, қутилардан бирини очиб, кийимлари орасига ҳалиги дўппини жойлаштирди.
Ёрмат терлаб-пишиб юкларни аравага ташишга бошлади. Уй ичидан уни-буни олиб чиқишга, юкларни орқалатишга қизини ҳам мажбур қилди. Юклар оз қолгач Гулнор Шокир отаникидан Унсинни чақириб беришни сўради. Ёрмат носвойини туплаб, сўлагини соқолларига оқизиб, қичқирди:
— Қанақа Унсин?
— Билмайсизми? Биласиз...
— Ҳа, таниқлик етим қиз...— қовоғини солиб, чиқиб кетди Ёрмат.
Гулнор айвонда қуруқ бўйра устида ўтириб, маҳси кийиш билан овора экан, Унсин кириб келди. Маҳсини оёқларига нари-бери илиб, ҳовлига тушди, қизни қучоқлади.
— Кўчишларингни сира билмай қолдим. Ҳамма юкларни ман ўзим саранжомлаб берардим,— деб Унсин юмуш қидира бошлади.
Гулнор қизни уй ичига олиб кирди. Катта уйда, даҳлизда, катта-катта пўлат сандиқлар, қутилар, уюм-уюм гиламлар, кўрпа-ёстиқлар, ҳар хил асбоб-идишлар тартибсиз қалашиб ётар эди. Унсин қарашмоқчи бўлиб сўради:
— Булар ҳам кетадими?
— Шунча буюм қаёққа сиғади! Ички-ташқи уйларда энг ками юз эллик арава мол бор эмиш, дадам шундай деди. Керакли нарсалардан кеча беш арава кетди. Бугун бир арва кетади. Унсин, ҳаммаси ортиқча нарса. Буларнинг ҳаммасидан манга бир эски дўппи қиммат...
Унсин қошини чимириб ялт этиб Гулнорга қаради, лекин сўнги жумланинг маъносини, нечундир, сўрамади. Гулнор эса, қизнинг кўнглидаги яраларни чуқурроқ очишдан қўрқиб, бу тўғрида изоҳ бермади. Икковлари бир сандиқ четига ёнма-ён ўтириб, ҳар вақтдаги каби, секин-секин сўзлашди. Гулнор агар Йўлчидан бирон хабар эшитилса, ё қамоқдан чиқса, унга билдиришлари кераклигини ва ўзи ҳар хил баҳона билан онасини шаҳарга туширишни, баъзи сўзларни онасига айтиш мумкинлигини уқтирди. Ёрмат бир неча марта қичқириб Гулнорни чақиргач, улар суҳбатни ноилож узишга мажбур бўлди, иккиси ҳам чуқур самимият ва дўстлик ҳисси билан қучоқлашишди. Иккисининг ҳам кўз булоғи қайнаб тошди. Гулнор оддий қизил тош кўзли кумуш узукни чўнтагидан олиб, Унсинга кўрсатди.
— Буни ёш қиз вақтимда, ҳу, мундан қанча йил илгари, ойим сотиб олиб берганди,— мадорсизланиб, йиғи аралаш сўзлади Гулнор,— шундан буён ҳар вақт тақдим. Энди, сизга топшираман, тақиб юринг, кейин... агар акангиз чиқса, унга беринг, ёнида сақласин...— Гулнор узукни қизнинг қўлига бериб, яна уни қучоқлади.
Улар паранжи-чачвонларини ёпиниб кўчага чиқишди. Ёрмат ҳамма эшикларни қулфлаб, қизини аравада олиб жўнади. Унсин ҳам уларнинг орқасидан борди, арава кўздан ғойиб бўлгунча, қараб, кузатиб қолди.

ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

I

Иссиқ, лекин сокин гўзал кун эди. Чаман-чаман гуллар, ҳар хил экинлар, боғлар, сувлар қуёшда яшнаб, ёниб товланади. Ҳовузнинг бўйидаги супада, дарахтларнинг кўланкасида, атрофга сувни қалин септириб, Салимбойвачча ётар эди: бошида оппоқ катта пар ёстиқ, тагида шоҳи кўрпача. Бугун жума бўлгани учун Ҳакимбойвачча ва Мирзакаримбой ўз улфатлариникига гапга кетишган. Салимбойваччанинг улфатлари бу ҳафта машҳур бир бойваччанинг даласида тўпланишлари керак эди; ўтириш жуда қизиқ, жуда хушчақчақ, базм жуда қийқириқли бўлишини билиб, бугун ҳар ҳафтадагидан кўра эртароқ саман йўрғани эгарлатиб қўйган эди у. Аммо, отни акаси миниб кетди. Извошга эса Мирзакаримбой ўтириб, қари-қартанг бойларнинг «улуғвор гапи»га жўнади. Салимбойваччага, яхши ва юришли бўлса ҳам, кўримсизроқ бир от қолгани учун аччиқланиб, бир-биридан такаббур, бир-биридан кеккайган бойваччаларнинг олдига бу отда боришни ўзига эп кўрмай, дам жўнашга қарор қилар, дам яна айнар эди.
Шарофатхон қўрғонча эшигидан қараб, эрининг жўнамаганига тушуна олмай, супага келди.
— Элдан бурун отланган сиз эдингиз-ку, мана энди кун ёниб кетди.
— Чой олиб кел!— бошини ёстиқдан узмай буюрди Салимбойвачча.
Шарофатхон тезда бир чойнак чой келтириб, пиёлага қуйиб, эрининг ёнига қўйди ва ўзи ҳам супанинг четида ўтирди, оқ шоҳи рўмол билан елпиниб, иссиқдан шикоят қилди. Бир оздан кейин, эри «кет» деб ҳайдамаганига севиниб, уй ичида юмушнинг кўплигидан, Гулнорнинг «уччига чиққан такаббурлиги», ҳеч кимни назарга илмаслиги ва касали тўғрисида вайсади.
— Касали нима, озиб кетибди келинчак онамиз? — пичинг билан сўради Салимбойвачча.
— Ҳаммаси муғамбирлик, эркалик, ноз! Дадангизга ноз қилади. Кеча чўри, бугун ҳаммага онабоши бўлиб қолди! Бизларга: истасанг шу, истамасанг катта кўча, дейди. Тилида айтмаса ҳам, дилида айтади.— Шарофатхон бир зум тўхтаб, атрофга қаради, сўнг товушини пасайтириб давом этди,— тўғри, баъзи хотинлар иккиқат бўлганда дармонсизлашади, бошлари оғрийди... буни касал деб бўлмайди, Гулнор иккиқат бўлди-ю, ноз устига ноз қўшди, уятсиз ўлгур...
— Нима дейсан?—Салимбойвачча ҳовлиқиб бошини кўтарди. Хотини заҳарханда қилди ва қорнини дўмбира қилиб чалди.
— Ростдаими?
— Нега ёлғон гапирай! Ман аллақачон билган эдим. Ҳозир ўзи ҳам яшира олмайди. Яшириб бўладими, қорни қаппайиб қолди-ку...
Салимбойваччанинг ранги ўчди, бурун катаклари керилди, пиёлани жаҳл билан туртиб яна ястиққа ташланди. Хотини ўрнидан туриб:
— Шошманг, у ҳали биринчи қалдирғоч, кейинроқ орқа-ўнгингизни укалар, сингиллар билан тўлдиради у,— деди-да, сўзини эрига маъқуллатгани учун ғурурланиб, семиз, катта оёқларини дадил босиб қўрғон томонга жўнади. Салимбойвачча ичини илон чаққандай, тоқатсизланди. Дадасининг уйланмоқчи эканини эшитган ҳамон, фикрини узоқ бир ваҳм каби босган нарса, энди мудҳиш бир ҳақиқатга айланиб, бутун вужудини кемира бошлади. У кўзларини ҳовуздаги турғун кўкимтир сувга тикиб ўйлади. «Гулнор ўзи ким? Унинг туфайлидан дадам билан аччиқлашдим, уни қочириш учун қанча қийналдим. Охирида бу сирнинг очилмаслиги учун поччамга беш минг сўм, эллик бошига минг сўм пул беришга мажбур бўлдим. У очкўзлар бундан сўнг ҳам мени қўйишмайди, албатта. Яқинда поччам катта сумма зарур бўлиб қолганини сўз орасида қистириб ўтди. Ўзи келмаса, эрта-индин опамни юборади. Улар олдида ҳар вақт тилим қисиқ. Гулнор умримга эгов бўлди. Яна у Мирзакаримбой хонадонига бошлиқ бўлиб кеккайсин, ҳеч ким билан сўзлашмасин, туғсин, бойликнинг нишабини ўз томонига тўғриласин!.. У жуда шайтон хотин. Унинг ҳийла-макрининг бир томчиси энди кўринди! Қолганини ўғилчаси туғилгандан кейин кўрамиз. Ёш, чиройли хотин дадамнинг бошини шундай айлантирсинки... Мушук қувлаган сичқондай биз қочгали кавак топа олмай қолайлик...» Салим шундай ўйларга берилиб, тўлғаниб ётаркан, катта дарвоза оғир гулдурос билан очилди. Икки ғилдиракли янги извош — аравага қўшилган отни етаклаб куёв Фазлиддин кириб келди. От дарвозадан бир неча қадам ичкарида тўхтагач, Нури духоба паранжисини йиғиштириб, эҳтиёт билан аравадан тушди. Салимбойвачча илдамлик билан уларга югурди. Синглисидан аҳвол сураб, куёвнинг қўлини сиқди. Нури қип-қизил ва семиз юзидан оққан терни юпқа шоҳи дастрўмол билан артиб, паранжисининг чангини қоқди, қўрғон ичидан югуришган болаларни ўпиб, қучоқлаб ичкарига кириб кетди. Фазлиддин отни илдам чиқариб, дарахтга боғлади, янги шоҳи тўнини ечиб қоқди. Салим билан бирга супага келиб ўтирди.
Дастурхон устида улар сўзлаша бошладилар. Фазлиддин шу атрофдан, «Қурбақаобод» мавзуидан тайёр бир боғ қўлга кирганини ва уни кўришга келганини билдирди. «Мевалари олдин-кетин пиша бошлаб, экинлар экилиб, олдингилари тайёр бўлган пайтда, қайси аҳмоқ боғини сотади», деб Салимбойвачча ҳайрон қолди.
— Зарурият, ноиложлик,— тушунтира бошлади Фазлиддин.— Маҳалламиз одамларидан бир камбағал биздан қарздор эди, уч юз сўмга яқин. Аммо, у бир неча йилдан буён тўлай олмади. Биз ҳам қаттиқ талаб қилмадик. Шу баҳорда ўзи ўлиб кетди. Қўлидан иш келадиган битта йигитча ўғли бор, қолганлари чурвақа. Кеча Абдулла акам йигитчани тутиб, ота қарзини уз, деб маҳкамроқ ушлабди. Кейин ҳисоблаб қарашса, йигитчанинг гарданига пирсант билан роса саккиз юз сўм пул тушибди..
— Ҳой, нодон одамлар!— куёвнинг сўзини кесди Салимбойвачча.— Бирини уч қилиб тўлайди энди. Билишмайдики пул болалаб туради, индамасдан туғади, чақалоқлари ингаламайди. Эҳ, бефаросат одамлар!..
— Бизнинг «сартия» жуда беғам,— қизил чиллакини иштаҳа билан ея туриб, сўзни давом эттирди Фазлиддин,— бир кўп одамлар оёғидан қарзга илинади. Ҳеч нима бўлмагандай, дўпписи яримта! Ҳалқумигача қарзга ботганини ўзи сезмай қолади. Сиртмоқни бўйнидан солиб тортасиз, бурни билан ерга мункийди. Оёғига илинган ип йўғон арқонга, ингичка сим — йўғон занжирга айланадими, ҳолига вой?! Шундай, Салим ака, ҳалиги йигитча эсанкираб қолибди. Саккиз юз сўмни сиз билан биз пул демаймиз. Чиндан ҳам пул эмас. Аммо ёнида қора чақаси йўк одамга бу — жаҳаннамнинг қил кўпригидай мудҳиш нарса. «Бориб кўринг, маъқул бўлса боғимни олинг» дебди йигитча. Пулни ундириш учун акам шошмас эди, бир парча боғ бизга унчалик керак эмас. Унинг лекини бор: йигитча яқинда мардикор бўлиб урушга жўнаши мумкин. Ундан қачон қайтади, қайтиб келадими, йўқми — билмаймиз. Шу сабабдан шошдик.
— Тайёр боғ бўлса, олганларинг яхши. Ғаниматда,— деди Салимбойвачча.— Хўш, айтинг-чи, подшоҳнинг мардикор олишига нима дейсиз? Мана фармон олий чиқди...
— Фармон чиқиши биланоқ халқ орасига ғулғула тушди. Ҳозир қаерга борманг, шу гапни эшитасиз. Деҳқон, косиб халқи нотинчланиб қолди, албатта, уларнинг болалари кетади-да. Фармонда мардикор дейилган, аммо, Салим ака, менимча, бу нарса бир сиёсат, бир алдов бўлса керак. Йигитларни элтиб, тўппа-тўғри ўқ тагига ҳайдайдилар, мана кейин эшитиб қолармиз...
Салимбойвачча андак мулоҳаза қилиб, сўзлаб кетди:
— Унчалигини кескин айта олмайман. Аммо, фармонга бўйсуниш, албатта зарур. Йигитларимизга акоп қаздирадиларми, ё милтиқ ушлатиб қирғинга ҳайдайдиларми — бу нарса оқ подшоҳнинг ихтиёрида. Туркистон мусулмонлари шунча йилдан бўён оқ подшоҳнинг қўл остида тинч яшаб келади. Энди адолатга қарши хиёнат қилиш ярамайди. Туркистон мусулмонлари мана шу танглик замонида фидокорлик кўрсатса, ҳукуматга ёрдам қўлини чўзса, оқибати чакки бўлмас. Душманлар енгилгандан кейин ҳукумат олдида Туркистон бойларининг юзи ёруғ бўлади. Подшоҳ, эҳтимол мусулмонларнинг ҳуқуқларини кенгайтириб юборар. Лекин, бундан қатъи назар, ҳукуматга ёрдам бериш — бизнинг биринчи вазифамиз бўлиши керак!
— Сиз жуда тарафдор кўринасиз, Салим ака. Менимча, бу хусусда андак сабр қилиб, оқибатни ўйлаш керак бўлади,— деди иккиланиб Фазлиддин.
— Масала равшан,— деди Салимбойвачча.— Биз ҳаммамиз оқ подшоҳнинг фуқаросимиз. Шундайми? Бу тўғрида тихирлик қилсак, хиёнат қилган бўламиз. Бу нарса ёлғиз менинг фикрим эмас. Ўтган кун кечаси худди шу ерда катта мажлис қилинди, йигирмага яқин одам тўпланди. Жадидлар, уламолар, яна Ҳаким акамнинг обрўли бир неча дўстлари бўлди. Бу масалани ярим кечагача хўп маслаҳатлашиб, ниҳоят, ҳалиги мен айтган фикрга келишди. Энди қўлни қўлга бериб, мардикор олиш тўғрисида чиққан фармонни халққа тушунтириш, унинг кераклигини, фойдасини уқтириш қолади.
— Абдулла акам ҳам шу фикрда,— деди Фазлиддин,— аммо манга барибир, Салим ака. Қай томон енгса ман ўша томонда. Лекин дини исломга дахл қилинмаса, савдога ривож берилса, бас. Бизга яна нима керак? Юртни савдо обод қилади. Дин, ислом кишиларни тўғри йўлга бошлайди. Шу иккиси лозим холос...
Салимбойвачча бундай локайдликка қарши эътироз қилди. Суҳбат қизиб кетди.
Қуёш узоқдаги дарахтлар орқасига тушди, шафақнинг тиниқ олтин олови ҳамма ёқни тутди. Дарахтлар катта алангада қолди. Лекин ҳаво дим. Фазлиддин олдинроқ мойли сомсани кўпроқ еганидан, мантини оз еди, аччиқ чойни босиб ичиб қониққач, извошни қўшди. Бир қадар шамоллаб келиш учун Салимбойвачча ўз куёвига ҳамроҳ бўлди. Улар билқ-билқ тупроқли кўчада чанг кўтармасликка тиришиб, отни секинроқ ҳайдашди. Катта йўлга чиқиш олдида Салимнинг боғ қўшниси, чарчаб чангга ботиб келаётган Абдихолиқ ота учради. У кўчанинг четига ўтиб, тўхташ учун ишорат қилди. Извош ундан бир оз нарироқда тўхтади.
— Ҳа, нима дейсиз?— тўнг қичқирди Салимбойвачча. Абдихолиқ яқинлашиб, юзидан чанг ва терларини артиб, ҳарсиллаб гапира бошлади:
— Шаҳарга тушган эдим, бойвачча. Маҳалламда, ҳей ўқ, бе йўқ, ўғлим, Абдисаматни аскарликка мўлжаллаб қўйишибди.
— Ким мўлжаллайди?—тескари қараб сўрада Салимбойвачча.
— Маҳалланинг катталари. Ман жуда довдираб қолдим. Ахир, кўзимнинг оқу қораси биттагина ўғлим бор, садағанг кетай.— Абдихолиқ кўзларини Фазлиддинга тикди.— Усиз, ман қандай тирикчилик қиламан? Сизлар оқ-қорани, йўл-йўриқни таниган одамлар»—манга бир йўл кўрсатинглар, иима қилай? Чироғим Салимжон, сизга ялинаман...
— Ота,— деди Салим жеркиб,— бу нарса кўпга келган тўй. Ўғлингиз ниҳояти бир неча ой ишлаб қайтади. Нимасига қайғурасиз? Узоқ юртларни кўриб келади. Сиз дуо қилиб ўтираверинг. Ман нима қила оламан? Ҳаммамиз оқ подшоҳга фуқаромиз, унинг олий фармонига сўзсиз бўйсунишимиз керак.
— Кўпга келган тўй дейсизми?— киноя билан илжайди чол,— бе! Маҳалдамда уч ўғиллилар, беш ўғиллилар бор, норғул-норғул йигитлар бор. Ҳаммаси тип-тинч. Катталарнинг кўзи менинг чумчуқдай ўғлимга, яна бир қанча оғзи бўш камбағалга тикилибди. Йўқ, бунда гап бор. Ноҳақ ишга куяман. Бой, камбағал, мулла, эшон демасдан ҳамманинг боласига бир текис қаралса, отамга лаънат ўғлимни юбормасам...
— Ота,— чолга энкайиб, мулойим гапирди Фазлиддин,— муйсафид экансиз, қари билганини пари билмас, дейишади эскилар. Беш қўл баравар эмас, буни ҳам тушунсангиз керак. Шунга ўхшаш биров ундай, биров бундай. Ўзингизни билинг, ўзга билан нима ишингиз бор? Ҳамма ўз ўғлининг этагига ёпишса, хизматга ким боради?
Абдихолиқ бу икки бойваччанинг сўзларига эсанкираб, алангаланиб, сўзлашга мўлжаллар экан, Салимбойвачча куёвини туртди... «Ҳайданг отни!»
Улар «Қурбақаобод» мавзуига етиб, одамлардан Норматхўжанинг богини суриштирди. Кичкина замбил эшик олдида аравадан тушишди. Эшикни қоқмасдан бурун, гўё уларни кутиб ўтирган каби боғ эгаси чиқди. У кўринишда уятчан, йигирма яшар йигитча эди. Бойваччаларни боққа олиб кирди-да, ўзи бир тўнкага ўтириб, ерга қараган ҳолда деди:
— Кўринглар, ана боғ!—Салим билан Фазлиддин «томоша боғда» кезган сингари, сесин-секин, боғнинг ҳар жиҳатини кўздан кечира бошлади. Қуёш ботган, лекин кун ҳали ёруғ, ҳар ёққа оқшом сукунати чўзилган. Дарахтларнинг учлари аста қимирлайди.
Боғда саккиз узун ишком, ҳаммасининг поялари яхши ишланган, пушталари чопилган. Салимбойвачча икки ишкомга кириб, бошдан-оёк, кўриб чиқди. Узум ток баргидан ҳам мўл... Фазлиддин эса барча ишкомларни айланиб, неча хил узум борлигини ҳам билиб чиқди. Кейин, жўхори, сабзи, пиёз экилган қисмларга қарашди. Боғнинг атрофи эски, паст, лекин ямалиб-ясқалиб бутунланган деворлар билан ўралган. Девор бўйлаб ҳар хил мевали дарахтлар: шафтоли, олма, нок, олча, жийда. Бу боғда, Салимча, олтмиш уч туп, Фазлиддин ҳисобича, етмиш туп мевали дарахт бор эди. Боғнинг саҳнини Салим уч ярим таноб, Фазлиддин уч таноб мўлжаллади. Салимбойвачча секингина шивирлади: «Ўн танобга арзийди. Ҳамма нарсаси тайёр. Ошни пишириб, қошиғини солиб қўйибди эгаси, ичаверасиз, Фазлиддин».
Бойваччалар ўз таассуротларини сўзлашиб, йигитча олдига келишда. Унинг ёнида укалари бўлса керак, бир-бирига жуда ўхшаш икки бола—бири ўн, иккинчиси ўн икки яшар чамаси,— қандайдир ёмон шубҳа ва ҳайрат билан тўла кўзларини жавдиратиб туришар эди. Йигитча ишорат билан уларни жўнатди.
— Боғ чакки эмас, унчалик қизиқарли ҳам эмас, шундайми, Салим ака?—Фазлиддин ялт этиб Салимга қаради ва сўнг йигитчага сўзлади.— Бошқа иложимиз йўқ, укам. Бир жиҳатдан сизга енгил бўлишини ўйлаймиз, бу замонда нақд пул топиш ўлимдан қийин. Нақд пул сўрасак, сизга жабр бўлади. Шунинг учун боғни олишга тўғри келади. Эртага шаҳарга тушинг, акам билан сўзлашиб, ишни битирасиз, дурустми?
— Ақлли бола экансан, ука, ота қарзини узишга бел боғлабсан. Бир томондан дадангнинг арвоҳи хушнуд бўлади, иккинчи томондан, ўзинг жўраларинг орасида бошингни кўтариб, хўроздай юрасан. Қарз кишининг бошини букади — Кексаларча жиддий ва салмоқли сўзлади Салимбойвачча.
Йигитча ўрнидан секингина турди. Аллақандай ғамгин ва ўзгарган товуш билан, ерга қараган ҳолда сўзлади:
— Тирикчилигимиз шу боғ орқасида бир нав ўтиб турарди. Ердан қор кетиши билан кўчиб келиб, бутун оила чумолидай ишлар эдик. Ерга қор тушганда яна шаҳарга кўчиб кетардик. Бу боққа жуда кўп меҳнатимиз синган.— Йигитча чуқур хўрсинди, боши яна қуйироқ тушди.— Ойим боғдан айрилса, билмадим, нима бўлади. Ҳали у хабарсиз...
— Боғингни биз зўрлаб олмаймиз, ука!— койиб «сан» сираб деди Фазлиддин.— Саккиз юз сўмни сана, иш тамом. Боғинг ўзингда қолади, энанг хафа бўлмайди.
— Бу йилги экинлар, мевалар бизники бўлади. Негаки, ўз меҳнатимиз билан етиштирдик. Ер сизларга ўтса ҳам, кузгача бизни бу ердан қўзғатмайсизлар. Шу шарт билан, майли. Абдулла акангизнинг дўқидан қутуламан. У киши тинкамни қуритди жуда...— йигитчанинг товушида йиғидай бир нима сезилди.
— Ман айтдим-ку,— кескин сўзлади Фазлиддин,— эртага шаҳарга туш, нима шартинг, бўлса, ўша ерда гапир. Мева, экин дейсан. Ер ўтдими, улар ҳам ҳозирдан бизга ўтади-да. Ҳаммаси ердан унган нарсалар. Яна акамдан сўра!..
— Йўқ, Фазлиддин,— билимдон бўлиб гапирди Салимбойвачча,— бу йилги экин бу йигитчаники бўлади. Жўхори, сабзи, тағин қандай экин бор? Ҳа, шуларнинг бари бу кишиники. Дарахтлардаги меваларчи? Ҳаммаси сизники бўлади, Фазлиддин. Агар мурувват қилсанглар, жилла бўлмаса бу йилча меваларни қоқ бўласизлар-да.
— Қўрғонни кўрмадик-ку,— йигитга қараб деди Фазлиддин.
— Ҳовлида бир уй, бир айвон, яна бир ҳужра бор. Эски, аммо ҳали бақувват...
— Хўп, кўрмайман. Сўзингга ишонамиз.
Йигитча кузатиб эшикка чиқмади. Оқшом қоронғисида дарахтларнинг орасида йўқолди: балки кўкрагини эзган оғриқнинг аччиғини йиғи билан юмшатиш учун бир ёққа чекилгандир.
Фазлиддин извошга ўтириб, Салимбойвачча билан хайрлашиб шаҳарга жўнади. Салимбойвачча эса катта йўлга қараганда анча қисқа «ёлғиз оёқ» йўлдан ўз боғига кетди...

II

Ёз кечасининг ёқимли салқини. Кўкда, дарахтлар устида ғуж-ғуж юлдузлар ёнади. Чирилдоқларнинг майин мусиқаси ҳамма ёқни тўлдирган, гўё кечанинг ўзи куйлайди. Лекин бу мусийқа жимжитликни бузмас, балки уни қуюлтиради. Хотин-халаж, бола-чақа орасида ўтиришни ёқтирмаган Салимбойвачча ҳалиги боғдан эндигина келиб, супада чироққа яқин ёнбошлаб, тунов кун кечаси мажлис қилган меҳмонлар қолдириб кетган мусулмонча газеталарга кўз югуриб ўтирар эди. Нозик ранг-баранг парвоналар, капалаклар лампа атрофида айланар, гулдор қанотларини шишага уриб типирчилар, гиламга енгилгина қулаб, тинар эдилар...
Орқа ёқдан, қўрғон томондан кавуш ғарчи эшитилди. Салимбойвачча бепарволик билан қаради. Қоронғилик ичидан Нури келиб чиқди...
— Кел, Нуриой!..— Салимбойвачча оёқларини йиғиб олди.
— Бу ёққа қочибсиз-да. Жилла бўлмаса, ман келган кун ичкарида ўтирсангиз бўларди. Бу нимаси, шумшайиб ёп-ёлғиз...
Нури акасининг ёнига ўтирди.
— Сан ёлғиз эмассан,— пичинг қилди Салим,— Гулнордай онанг бор...
Нурининг ғазаби тутақиб ёниши учун ҳар вақт биргина сўз кифоя эди. У «иҳ» деб тескари бурилди. Сўнгра, ҳар вақтги бемаъни шикоятини бошлади. Ғазабдан гоҳ овозини баланд қўйиб, гоҳ Салимнинг ишорати билан пасайтириб, шивирлаб, тиззасига ура-ура вайсади:
— Ҳамма нарсага сиз, Ҳаким акам айбдор. Ўша вақтда оёқларингни маҳкам тирасанглар эди, дадам Гулнорга уйланмаган бўларди. Бўш-баёв экансизлар. Жилла бўлмаса, мол-мулкини ўз қўлларингга ўтказиб ололмадинглар. Мана томоша қилинг. Чўри қиз бошимизга чиқиб, бизларни оёқ учи билан кўрсатади. Башарасига қарасам, дардли кўринади. Ҳаммаси ёлғон! Ҳаммаси ноз-карашма, одамни менсимаслик... Тавба, бундан устомонни кўрган эмасман. У севинади. Нима дарди бор? Нимага муҳтож? Яна ит мижоз — дарров бола туғади, эшиттингизми? Мирзакаримбойнинг хазинаси энди Гулнорники!
— Даданг-чи? Барча айб унда эмасми?— бўғилиб деди Салимбойвачча.
— Дадамни қўяверинг, иложи бўлса, юзини кўрмасам. Ман бу ерга сизлар учун келаман.
— Анов қирқ игнанг кор қилмадими?!—аччиқ кулги билан деди Салимбойвачча.
— Унақалардан аллақанчасини қилдим. Гулнордан офат қочади.
Қоронғилик ичидан кеча қўнғизи ғўнғиллаб учиб, ўзини чироққа урди, кейин сачраб Нурининг кўкрагига, оқ шоҳи кўйлагига ёпишди: бош бармоқ катталигида қора қизғиш ёқут каби... Нури чўчиб тушди, кўксига чанг солиб, қўнғизни ғижимлаб, узоққа отди.
— Уҳ, шўнақа нарсалардаи жуда қўрқаман.
Салим ёстиққа ёнбошлаб, эснади. Гулнорга қарши синглисида бўлган зўр кекдан фойдала