forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => O'zbek nasri => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 27 Dekabr 2010, 15:49:10

Nom: O'lmas Umarbekov. Yoz yomg'iri (qissa)
Yuborildi: AbdulAziz 27 Dekabr 2010, 15:49:10
O'lmas Umarbekov. Yoz yomg'iri (qissa)

(http://www.ziyouz.com/images/books/yoz_yomgiri.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=989)

Muallif: O'lmas Umarbekov
Hajmi: 832 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=989)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5446.0)
Nom: Re: O'lmas Umarbekov. Yoz yomg'iri (qissa)
Yuborildi: Habib 27 Dekabr 2010, 15:53:49
Ўлмас Умарбеков

ЁЗ ЁМҒИРИ


(қисса)



1

Бу кун, 197... йилнинг 22 августи, трамвай ҳайдовчи қиз Мунира Шайхуддинова хотирасидан умр бўйи ўчмайди...
Ҳали тонг отмаган, кулранг осмон аста-секин оқара бошлаганига қарамай, хиёбонлар, кўчалар, биноларнинг пастки қаватлари тун қўйнида эди. Сув сепилган асфальт йўллар қора духоба тўшаб қўйилгандек... Қўнғиз нусха фонарларгина сарғайиб йўлни бир қулоч, бир қулочдан оқартириб турибди.
Мунира паркдан трамвайни чинқиратиб ҳайдаб чиқди-да, Чорсу айланмасидаги биринчи бекатда тўхтатди. Бекатда деярли одам йўқ эди. Вагонга атиги битта йўловчи кўтарилди. Бу темирйўлчилар кийимидаги шопмўйлов, ўрта яшар бир киши эди. Қўлида катта қора сумка. Мунира ҳар сменасида уни кўрарди.
— Ассалому алайкум! Ҳа, амаки, ишгами? — сўради, эски танишлардек.
— Тирикчлик, қизим, — деди йўловчи. — Сал кечикдингми? Соатинг неча бўлди?
Мунира қўлидаги кичкина кумуш соатига қаради.
— Йўқ, вақтида чиқдим. Бешдан ўнта ўтди.
— Ҳа, яхши. Бугун тепловозни топширамиз. Ўзи ҳам роса қийнади.
У яна нималар деди, Мунира эшитмади. Автомат касса олдига бориб, янги ғалтак билетни қўяр экан, кўзи бекат ёнидаги наъматак буталари орасидан чиқиб турган аёл кишининг оёғига тушди. Қўнғиз нусха фонарь ёритиб турган пайпоқсиз оппоқ оёқдаги узун пошнали оқ туфлининг учи осмонга қараган, товони ерга тиралиб турарди. Мунира аввал қўрқиб кетди. Кейин, маст бўлса керак, деб ўйлаб, бир оз тинчиди ва темирйўлчи амакини чақирди.
— Анавини қаранг, амаки, мастми, нима бало?!
— Қани? — темирйўлчи амаки ўрнидан туриб, унинг ёнига келди.
— Ана, буталарнинг орасида. Ўлиб кетсин, туппа-тузук хотинга ўхшайди туфлисидан.
— Мастмасдиров?! — Темирйўлчи амаки қўлларини соябон қилиб яхшироқ тикилди.
— Маст бўлмаса, шу ерда ётармиди?!
— Қани, шошма, кўрайликчи?
Улар пастга тушишди. Шохлаб кетган наъматакнинг ости кичкина чайлани эслатарди. Темирйўлчи амаки эпчиллик билан шохларни кўтариб энгашди. Аёл нафас олмас эди.
— Чироғинг борми? — қичқирди у.
Мунира югуриб вагонга чиқди-да, қўл фонарини олиб тушди.
— Мана.
— Ўзинг ёқ!
— Ўлдириб кетишганга ўхшайди! — деди темирйўлчи амаки.
— Вой ўлмасам! — Мунира қичқириб юборди.
— Юз-кўзи қонку! Қара!
Мунира шундагина аёлнинг башарасига қаради, қаради-ю, бўшашиб кетди. Аёлнинг тўзғиган, юзи билан битта бўлиб ётган сочлари ҳўл эди. Кичкина оғзининг икки четида қон қотиб қолганди.
— Энди нима қиламиз! — деди Мунира унинг ёнига чўккалаб.
Идорангга югур. Тез ёрдамга телефон қилиш керак.
— Мен... мен... — Мунира дағ-дағ титрарди. Чунки биринчи марта шундай яқиндан ўлик кўриши эди.
— Чоп, деяпман сенга! — қичқирди темирйўлчи амаки. Унинг дўқи таъсир қилдими, ё қўрқувдан довдираб қолдими, Мунира орқасига тисарила-тисарила трамвайга етди, кейин шпаллар устидан парк томон югуриб кетди.
Темирйўлчи ўликнинг олатароқ юзига, тиззасигача кўтарилган нўхат гулли юпқа кўйлагига, бармоқларида узуқлар ялтираб турган қўлларига тикилар экан, ҳеч нарса тушунмасди.
— Ёш экан, бечора... — дерди фақат. — Ҳа, ёш экан...

2

Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши... Ота-боболаримиз тўқиган бу мақолнинг қанчалик тўғри-нотўғрилигини ҳар бир оила ўзича тасдиқлайди. Уйланганига тўрт йилдан озгина ошган Раҳим Саидов бу мақолни мутлақо нотўғри ҳисобларди. Унинг назарида оиладаги уриш-жанжал бамисоли дарахтнинг ичидаги қурт. Дарахт қанчалик мустаҳкам бўлмасин, шу қурт, шу кичкинагина қурт албатта бир кун уни ё қулатади, ё қуритади. Оила ҳам худди шу дарахтга ўхшайди. Уриш-жанжал бир кунмас-бир кун унинг асоси бўлган муҳаббатни кемириб ташлаб, эр-хотиннинг юрагини нафратга ланг очиб беради. Раҳим Саидов шундай ўйлар ва йил ўтган сари ўйининг тўғрилигига ишончи кучайиб борарди. Ахир ҳамма дарахтга ҳам қурт тушавермайди-ку? У иложи борича уйда уриш бўлмаслик-ка, агар бўлиб қолса, бировларга эшиттирмасликка ҳаракат қиларди. Лекин касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, кўпинча хотини билан бўлиб ўтган ғиди-биди гаплар ўша куни, жуда бўлмаганда эртасига, камалак тус олиб, етти маҳалла нарига, қолаверса, ишхонасига ҳам етиб борарди. Албатта, кўпчилик унга ачинарди.
Орадан бир-икки кун, ё бир-икки соат ўтиб, иш билан овунгач, иложи борича тезроқ жанжалнинг сабабларини унутиб, айби бўлмаса ҳам, одатдагидек, хотинидан кечирим сўрашга, ярашишга ошиқарди. Албатта, ярашиш ўз-ўзидан бўлмасди, қуруқ қошиқ оғиз йиртади — бирон нарса, бирон ваъда эвазига яна уйда номаълум муддатга тинч-тотувлик барпо бўларди. Раҳим Саидов диссертация ёқлаган куни ўртоқлари совға қилган, ромба шаклидаги ярқироқ темир парчасига исми, фамилияси ёзилган қора портфелда шампань виноси олиб келар, шунда қўни-қўшнилар, ҳатто шўх кулги, қадаҳларнинг жарангини эшитиб қолишарди. Шундай пайтларда раҳмдил аёллар кўнгиллари юмшаб:
— Мунисхонга Худо битта фарзанд берганда, иккови ҳам тинчирди-қўярди, — деб аллавақтгача боланинг оилани мустаҳкамлашдаги роли ҳақида гап сотишарди. Мунисхон атайин бола истамаслигидан улар бехабар эди. Буни фақат Раҳим Саидов билар, билгани билан ҳеч нарса қила олмасди.
Ораларида Хитой деворидек тўсиқ кўтарилганда, Раҳим Саидов ўзини қаёққа қўйишни билмай қоларди. Аммо дилида бундай яшаш мумкин эмаслигини, бир кунмас-бир кун орани очиқ қилиш зарурати туғилажагини яхши биларди. Биларди-ю, ожизликми, ё муҳаббатнинг ўти ҳамон баландми, шундай куннинг келишини орқага чўзарди. Бўлмаса, эҳ-ҳа, неча марта бунга имкон бўлди.
Раҳим Саидов шуларни ўйлаб баъзан ўзини ланжликда айбларди. Баъзан эса хотинининг кулиб турган башарасини кўз олдига келтирарди-ю, яна муҳаббатнинг қудрати ҳақида хаёл суриб кетарди.
Мунисхонга у ўзи, бировларнинг аралашувисиз, муҳаббат қўйиб уйланган эди. Биринчи марта уни Қўқон — Оҳангарон йўлида шундай довоннинг устида, бесўнақай ганч шернинг ёнида кўрди. Кўрди-ю, битта қиз бўлса шунчалик бўлади-да, деб севинч билан кўнглидан ўтказди.
Ўшанда институтларининг Олтиарикдаги тажриба участкасидан келаётган эди. Институт директори эрталаб унинг поездга чиқишига ҳам қўймай, машина топиб йўлга чиқишни буюрди. Улар олиб бораётган тажрибадан катта манфаат кутган колхоз раиси дарҳол ўзининг «Волга»сини берди. Раҳим Саидов апил-тапил тушликка қовурилган овқатдан еб, йўлга тушди.
Машина Қўқондан чиққач, шофер раиснинг гапига амал қилиб, газни босди. Машина қушдек учар, орқа ўриндиқда ўтирган Раҳим Саидов ёш боладек кўзларини пирпиратиб, энтикиб нафас олари.
— Сулаймон акани ҳайрон қолдирамиз тўғри идорага бориб, — деди ғурур билан шофер. — Жа секин юрадилар у киши, хит қилиб юборадилар.
Сулаймон ака институт директори эди. Катта одам, қишлоқ хўжалик соҳасидаги бир қанча илмий китобларнинг автори, областларда тез-тез бўлиб турар, институт ходимларидан ҳам шуни талаб қиларди. «Бизнинг ишимизни колхозларда билишмаса, қувватлашмаса, бизнинг мутлақо керагимиз йўқ», — дерди у кўп йиғилишларда. Шу гапига амал қилиб, деярли ҳар бир областда тажриба участкалари ташкил этган, ходимларни ҳам шунга қараб турли гуруҳларга бўлиб юборган эди. Раҳим Саидов ишлаётган сектор, асосан, Тошкент, Фарғона вилоятларида тажриба ўтказарди. Кейинги йилларда шу областларда пахтачилик оқсаб, турли касалликлар кўпайган эди. Пахтага тушган касалликларнинг энг даҳшатлиси бу- вилт эди. Унинг кушандаси нима, қандай дори билан пахтани ундан халос қилиш мумкин? Бу савол бир неча йилдан бери пахтакорларни ҳам, олимларни ҳам қийнаб келарди. Аммо бунинг чораси топилмаган, ҳар йили давлат мўлжалдагидан йигирма беш, ўттиз процент ҳосил кам оларди. Раҳим Саидовнинг Олтиариққа келганининг ҳам боиси шу эди. Янги нав пахта экилган, у гуллаб, энди кўсак туга бошлаган эди. Лекин нима учун шу муҳим пайтда у Тошкентга бориши керак? Қанча ўйламасин, Раҳим Саидов сабабини билолмади. Директорнинг ўзи эса телефонда «келинг», деди-ю, бошқа ҳеч нарса айтмади.
Машина довонга кўтарила бошлади. Иссиқ шамол ўрнини муздек тоғ ҳавоси эгаллади. Оқтепадан ўтишганларида ёмғир томчилай бошлади. Лекин дарҳол тинди.
— Яхши бўлди, — деди шофер, — тушишга қийналардик...
Раҳим Саидов кўп марта шу йўлдан юрган бўлса ҳам ҳар гал суқ билан атрофига қарарди, бу баланд-паст, хавфли олатароқ тоғ йўли уни ўзига мафтун қилиб қўйган эди. Бир томон тоғ, туя ўркачидек катта-кичик, баъзилари устида қор эримаган қоялар, бир томон эса қараганда юракни музлатадиган жарлик, шарқираган тиниқ сув, кўм-кўк май-са кўрпалар... Баъзи қоялар устида олисларга кўз қадаган соқчидек чинор ёки арча. Ҳар айланишда манзара худди кинодагидек ўзгаради. Тоғлар гоҳ чап, гоҳ ўнг томонингда пайдо бўлиб қолади. Гоҳ туби йўқ жарликка шўнғиётгандек ҳис қиласан, гоҳ одам оёғи етмаган қояга чиқиб кетаётгандек бўласан. Баъзан довон ошишингга кўзинг етмай, юрагинг орқангга тортиб кетади. Йўл шундай тикка! Лекин машина тўхтамайди, инқиллаб, титраб-қақшаб олдинга интилади ва бир амаллаб довоннинг устига чиқасан, ҳамма нарса, шаҳарлар, дарёлар, тоғлар оёғинг остида қолгандек, дунёнинг устига чиққандек бўласан, енгил нафас оласан, зум ўтмай нафасинг томоғингга тиқилади — машина пастга шўнғийди...
Ана шу йўлда Раҳим Саидов ўз бахтини учратди. Ҳозирча шундаи деймиз, негаки унинг ўзи шу учрашувни узоқ вақтгача бахтим деб юрди.
Шофёр сўнгги довоннинг устидаги чойхона олдида машинасини тўхтатди. Уни танишса керак (Фарғонада бир-бирини танимайдиган одам кам), бир бола косада яхна чой олиб чиқди. Шофёр мириқиб ичди. Раҳим Саидовга ҳам узатди. Кейин яна йўлга тушишди. Довон усти икки километрча текис йўл. Йўлнинг охиридаги бурилишда катта харсанг устига шерни эслатадиган ганч ҳайкал ўрнатилган, унинг ёнидаги тахтачага «2342» рақами ёзиб қўйилибди. Бу довоннинг денгиз сатҳидан баландлиги.
Раҳим Саидов Мунисхонни шу ерда кўрди. Кўрди-ю, эс-ҳушини йўқотди.
Мунисхон бир оёғини шер остидаги харсангга қўйиб, қўлларини белига тираганича жарликка тикилиб турарди. Ундан нарирокда, шундай жар ёқасида капоти очилган қизил «Москвич» қуюқ зангори тутун чиқариб, титрарди.
Мунисхон «Волга»ни кўриши билан қўлини белидан олиб, боши узра силкитди.
— Суви қайнаб кетибди шекилли? — деди шофер ва ҳамроҳининг розилигини кутиб ўтирмай, шундай қизнинг олдида машинасини тўхтатди.
— Нима бўлди? — сўради у эшиги деразасидан бошини чиқариб.
— Юрмаяпти, — деди қиз шофернинг олдига келиб ва ичкарига қаради. — Мени олиб кетинглар?!
Бу илтижо бир пайтда ҳам шоферга, ҳам Раҳим Саидовга қаратилган эди.
Раҳим Саидов унинг тилидан қўқонлик эканини дарров билди. Қўқонлик қизларнинг тили унга студентлик пайтидан бери ёқимли, ширин туюларди. Шофёр бир нарса дейишга улгурмасдан у қизни машинага таклиф қилди:
— Марҳамат!
Шу пайт улар олдига оппоқ нейлон кўйлаги қорамой, юз-кўзи терга ботган ёшгина йигит келди.
— Салом алайкум, — деди у уялинқираб.
— Нима бўлди? — сўради шофёр.
— Тортмаяпти, қараб юборинг, бир соатдан бери уннайман.
Шофер машинадан тушиб, йигит билан кетди.
— Сиз ўтиринг, — деди Раҳим Саидов нима қилишини билмай турган қизга ва орқа эшикни очди.
— Мен ҳозир!
Мунисхон «Москвич» томон югуриб кетди. Раҳим Саидов беихтиёр орқасидан қараб қолди. Ҳа, у келишган қиз эди. Оёқлари узун, тўла ҳам эмас, ориқ ҳам эмас,  ўртача. Европача тикилган йирик катакли кўйлаги баданини тортиб турибди. Қалин қора сочи орқасига тугилган. Кўп ўтмай шофер қайтди.
— Прокладкаси тешилибди.
— Сизда йўқми? — сўради Раҳим Саидов.
— Э, ака, у анқонинг уруғи, — деди шофер. – Иннайкейин «Волга»ники тушмайди. Пўнкандан олиб келади энди. Адрес бердим.
Раҳим Саидов шофернинг гапларини чала эшитди... Унинг кўзлари «Москвич»нинг эшигини очиб, энгашганича нималарнидир олаётган Мунисхонда эди. Ниҳоят, у қаддини ростлади, хомуш турган йигитга нималарнидир деди, кейин югуриб изига қайтди.
— Майлими?
— Марҳамат!
Раҳим Саидов четроққа сурилиб, ёнидан жой берди.
— Жудаям зарур ишим бор эди, бормасам бўлмайди, — деди қиз машинага ўтирар экан, кечирим сўрагандай.
— Куёв бола ёлғиз қолар эканларда? — қизнинг ҳара-катлари негадир шоферга ёқмади шекилли, энсаси қотиб, рулга ўтирди.
— Вой, нега ундай дейсиз? — қиз қўллари билан юзини беркитиб кулди. — Жиянимку бу йигит. Мени ташлаб келмоқчи эди Тошкентга.
— Билмабман, узр, — деди шофер, барибир унинг қовоғи очилмади. — Кетдикми?
— Ҳа, — деди Раҳим Саидов. Машина силтаниб жойидан қўзғалди.
— Тошкентда ўқийсизми? — Раҳим Саидов қиз томон ўгирилди.
— Ҳа. Инязда. Тўртинчини тугалладим.
— О, жуда яхши, — деди Раҳим Саидов, лекин нега «яхши» деди, билмади. — Яқинда битирар экансизда?
Қиз кулди. Унинг кулгиси худди духобадек юмшоқ эди.
— Ҳали бир йил бор.
— Хўш, режалар қандай?
Қиз қошларини чимириб, унга қаради.
— Қандай режа?
— Битириб, нима қилмоқчисиз?
— Қайдам?. — Қиз елкаларини қисди. — Нима дейишса, шу.
Раҳим Саидов яна бир нарса дейиш кераклигини биларди, лекин гап тополмади, шунинг учунми, орзуси амалга ошмаган одамдек хўрсинди.
— Мен ҳам бир вақтлар инязга кирмоқчи эдим... Инглиз тили факультетига...
— Ҳозир кимсиз? — қиз жонланиб сўради.
— Химик, биохимик...
— Бу ҳам яхши касб. Мен асли тарихчи бўлмоқчи эдим. Тарихни жуда яхши кўраман. Самарқанд... Салб юришлар... Мономах... Кириш имтиҳонида йиқилдим.
— Яхши бўлган экан...
— Нега? — яна қошларини чимирди Мунисхон.
— Чет тилини билган одамларни яхши кўраман. Уларда қандайдир сирли бир нарса бор. Масалан, сен билмаган нарсани билишади.
— Мақтаб юбордингизку? — Мунисхон кулди. — Мен эса химикларни сирли одамлар деб биламан. Улар йўкдан бор қилишади. Масалан, мисдан олтин.
Раҳим Саидов хурсанд бўлиб кетди ва Мунисхонга қўшилиб кулди. Шу кулги унинг хаёлини олисларга олиб кетди, ўзини ўзга гўзал бир оламда, оила оламида кўрди. Шундай одам билан бирга бўлиш қандай яхши! Бунинг устига ақлли бўлса керак. Шундайлиги кўзларидан ҳам билиниб турибди. Ўз фикрини тасдиқлаш учун қизга қаради. Мунисхон суянчиққа бошини ташлаб, деразага тикилиб борарди.
— Чарчадингизми? — сўради Раҳим Саидов.
— Ҳа, офтобда узоқ қолдик, — деди қиз ҳозиржавоблик билан. — Офтобда салга бошим оғрийди.
— Дам олинг. Тошкентга ҳали анча.
— Бир ярим соат, — деди шофер.
— Раҳмат, — деди қиз ва оппоқ юзини четга ўгириб, кўзларини юмди.
Раҳим Саидов унга халақит бермаслик учун янада четроққа сурилди. Унинг назарида Мунисхон ҳозиргина осмондан учиб тушган фариштанинг ўзи эди.
Олмалиқ — Тошкент йўлига чиқишганда, машина яна қушдек уча бошлади. Ёнига гўзал қизнинг ухлаб бориши, текис йўл, бепоён адир, нозик атир ҳидига қўшилган ўткир ўт-ўлан ҳиди Раҳим Саидовни элитди, у кўзларини юмди. Анчагача ширин хаёллар оғушида мудраб борди. Бир силтаниб, боши кўкрагига тушганда, чўчиб кўзларини очдию, лол бўлиб қолди. Мунисхоннинг кичкина боши елкасида эди, сочларини шамол тўзғитган, бир-икки толаси бўйнини қитиқларди. Раҳим Саидов нима қилишини билмай, қотиб қолди. Қимирласа, қиз уйғониб кетади. Кейин қачон унинг елкасига бошини қўяди? Қўярмикан, умуман? Шу ўй билан Раҳим Саидов қимир этмасликка қарор қилди ва шу алфозда, юраги шодликдан ҳаприқиб, не-не ширин режалар билан Тошкентга кириб келди. У албатта, Мунисхон билан яқинроқ танишишга, агар ўрни келиб қолса, киногами, театргами таклиф қилишни ўйлаб қўйди.
Курантга етилганда, шофер машинасини тўхтатди.
— Опа! Шу ерда тушасизми? Мунисхон чўчиб, бошини кўтарди.
— Вой, келдикми? — деди у кўзларини пирпиратиб.
— Сквердамиз, — тушунтирди шофер.
— Ухлаб қолибман, — қиз уялинқираб жилмайди.
— Ҳа, дам олдингиз озгина, — деди Раҳим Саидов. — Қаёққа борасиз?
— Оқтепага, ётоққа.
— Айланиш экан, — уни бўлди шофер. — Академгоро-докка...
Раҳим Саидов ичида шофердан жаҳли чиқди-ю, лекин ҳеч нарса деёлмади.
— Кечирасиз, — қўлини узатди у қизга. — Шошиб турибмиз.
— Вой, шунга ҳам раҳмат.
— Ётоқ Оқтепанинг қаерида?
— Шундай ўзида. Аптеканинг олдида.
Мунисхон шундай деб машинадан чиқди. Шофер газ берди.
— Зап қиз эканми? Тавба!
— Ҳа? — тушунмади Раҳим Саидов.
— Укасини ярим йўлда ёлғиз ташлаб кетса... Бегона эркакнинг кўкрагида ухласа... Энди айтяпманда...
Раҳим Саидов бир нарса деб Мунисхонни ҳимоя қилмоқчи эди, кайфиятини бузгиси келмади. Кайфияти эса ниҳоятда яхши эди. Умуман, ўша кун унинг хотирасида умрбод ажойиб, бахтли кун бўлиб қолган эди. Институт ҳовлисига киришганда Сулаймон ака энди уйига кетмоқчи бўлиб турган экан. Уларни кўриб, қўлларини ёзди:
— Раҳимжон! Ука! Табриклайман! Кандидатлик дипломингиз келди!
Раҳим Саидов ҳанг-манг бўлиб қолди. Одамлар йиллаб кутади дипломни, уники эса ҳимоядан сўнг уч ой ўтгач келди. Жуда тез!
— Дарров-а? — ҳайрон бўлиб сўради охири.
— Нимаси дарров? — ўз навбатида унга ғалати қаради директор. — Яхши ишга уч ой ҳам кам эмас. Ишингиз эса яхши, жуда яхши! Мен шунга сизни чақиртирган эдим. Яна баъзи ишлар бор. Эртага гаплашамиз. Келишдикми?
— Келишдик! — деди Раҳим Саидов директорнинг юмшоқ йирик қўлини сиқаркан.
— Жуда яхши! – Сулаймон  ака кетди.
Сўнгги бир-икки соат ичида юз берган бу икки қувончли ҳодиса Раҳим Саидовнинг бошини айлантириб қўйган, ким биландир уларни ўртоқлашгиси келиб қолган эди.
— Садриддин! — чақирди у. — Планлар қандай?
— Нима эди? — тушунмай сўради шофер.
— Ҳозир нима қилмоқчисиз?
— Жўнамоқчиман. Файзимат акам эртага районга бо-ришлари керак.
— Колхозда бошқа машина қуриб қолганми?! Бугун мен билан бўласиз. Машинани шу ерда қолдиринг.
Шофер йигит бир оз ўйланиб турди-да:
— Ҳа, майли, — деди. — Йигит кишининг раъйини қайтариб бўлмайди. Аммо лекин бугун омадингиз келган кун экан.
— Нимасини айтасиз, Садриддин дўстим! — Раҳим Саидов унинг елкасига қокди. — Кўчамизда байрам, деб шуни айтадилар!
Ўша куни улар Олимлар шаҳарчасининг яккаю ягона ресторанида ярим кечагача ўтиришди. Икки кишига мўлжалланган стол ёнига ресторан ёпиладиган пайтга бориб беш-олтита стол қўшилиб кетган, оркестр тинмай куй чалар, гўё диссертация ёқлаган куни қилинган ва ҳаммага манзур бўлган банкет қайтадан бошланиб кетгандек эди. Фақат навбат билан сўзловчилар йўқ, ҳамма баравар сўзлар, кулар эди.
Ҳаёт тасодифлардан иборат, лекин ҳар қандай тасодиф ҳам маълум кунда занжирига боғланган. Демак, ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Раҳим Саидов шундай ўйлар ва ўша кунги қувончларини қай даражададир довон устида учраган қиз — Мунисхонга тегишли, деб ҳисобларди. Ким билади, агар уни учратмаганда, диплом келмасмиди, директор ҳам бошқа нарсага чақирган бўлармиди? Шундай эмаслигини у яхши биларди, лекин кўнгил, кўнгил шундай ўйлаганинг маъқул, дерди. Шунинг учун ҳам кейинчалик қачон кайфияти бузилса, (кайфияти эса, кўпинча, уйда бузиларди) шу кунни эслар, кўз олдида баланд тоғ тепасида харсангга бир оёғини қўйиб, унга хомуш ва ўйчан тикилиб турган қизнинг сиймоси пайдо бўларди. Шу билан енгил тортар, ташвишли хаёллардан ўзини халос қилгандай бўларди.
Ўша куннинг эртасига у Мунисхонни топди. Театрга боришди. «Севги тумори» балетини томоша қилишди. Кейин боққа ўтишди. Шу боққа эртаси куни ҳам келишди. Ундан кейин ҳам. Албатта, боғнинг ёлғиз оёқ йўлларида одамнинг кўнгли нималарни тусамайди? Аввал қўл ушлашиб юришди, кейин ора-сира Мунисхоннинг хипча белига қўл ўтадиган бўлиб қолгандай, сўнгра бўлса... Ундан кейин нима бўлди. Ҳозир гапириб ўтирмайман. Фақат битта нарсани айтиб ўтиш шарт. Ҳикоямиз бошланган кундан бир кун олдин эр-хотин одатдагидек қаттиқ уришиб қолишди. Ҳамма нарса тушдан бошланди. Ҳа-ҳа, оддий туш, ҳаммамизнинг вақт-бевақт дилимизни равшан, ё хира қиладиган туш. Раҳим Саидов боши оғриб турди. Мунисхон ҳали уйқуда эди. Сочлари юзи билан битта. Лаблари чўччайган. Оёғига илиниб қолган чойшаб тортилиб белигача тушган. Раҳим Саидов ҳаяжонланмади. У ҳозиргина кўрган туши таъсирида эди. Бегона бир эркак хотинининг қўлига узук тақяпти. Катта ёқут кўзли тилла узук. Раҳим Саидов жаҳл билан:
— Нима қиляпсиз? — деди.
Бегона эркак жавоб бермай, тиржайди.
— Сизга айтяпман!
Раҳим Саидов хотинининг қўлидан ушлаб узукни су-ғурмоқчи бўлди. Узук чиқмади. Шунда хотини бир силтаниб қўлини тортиб олди-да, бегона кишини имлади. Иккалови қаёққадир кетди. Раҳим Саидов қичқирди, аммо овози чиқмади.
Кўзларини ишқалаб, шу тушнинг таъбирини ўйлаб ўтирар экан, беихтиёр хотинининг қўлига кўзи тушди. Қай кўз билан кўрсинки, унинг семиз, оппоқ бармоғида ҳозиргина тушида кўрган узук ялтирарди. У шошиб, ушлаб кўрди. Ростмана узук, катта, ёқут кўзли. Олмоқчи бўлди, узук чиқмади. Мунисхон кўзларини очди:
— Нима қиляпсиз?
— Ҳеч нима, — деди терслик билан Раҳим Саидов. Эрининг кайфи бузилганлигини пайқаб, Мунисхон чойшабни бўйнигача тортди, қўлларини унинг остига яширди ва эринибгина эснади.
— Эрта турибсиз?
Раҳим Саидов жавоб бермади. Бирпас хомуш ўтиргач, томдан тараша тушгандек:
— Узук муборак бўлсин!
— Ярашибдими? — шошиб сўради Мунисхон.
— Жуда ҳам, — заҳархандалик билан жавоб қилди Раҳим Саидов.
Мунисхон буни сезмади ё ўзини сезмаганликка солди. У сапчиб ўрнидан турди-да, иссиқ қўлларини эрининг бўйнига ташлади.
— Шундан битта олиб беринг, ростакамидан!.. Узукнинг қип-қизил йирик кўзи Раҳим Саидовнинг шундай бурнининг учида ўйнай бошлади.
— Бу-чи? Бу ёлғондакамми? — деди у калласини орқага ташлаб.
— Вой, кўрмаяпсизми? — эркаланди Мунисхон. — Магазинники. Жез. Беш сўм ўн тийин туради.
Раҳим Саидовнинг устидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Шундай бўлса ҳам тусмоллаб сўради.
— Ростакамга ўхшайди-ку?
— Вой, ростакамни қайси пулга оламан? Машиначидаги кўйлагимни олиб келолмаяпманку, пул йўқлигидан! Ўн кун бўлди битганига. Номусларга ўляпман.
Раҳим Саидов тилини тишлади. Туш қолиб кетди. Мунисхон доим ғолиб келадиган отига ҳеч қийинчиликсиз миниб олган эди. Шундай бўлса ҳам Раҳим Саидов бўш кел-масликка уриниб кўрди:
— Тунов куни олиб келдингиз-ку?
—_ У бошқа эди. Уни аямлар Майга олиб келган эдилар. Ёз ўтиб боряпти, мен бўлсам энди тикдирдим. Олиб берасизми?
— Нимани?
— Вой, қулоғингизга танбур чертяпманми? Узукнида! Қаранг, шунақаси менга жуда ярашар экан.
— Шуни тақиб тура қолинг! Маошга ҳали анча бор. Мунисхоннинг иссиқ қўллари совиб, шилқ этиб чойшаб устига тушди.
— Сиздан бошқа жавоб кутмовдим. Сатқаи кандидат кетинг!
— Мунисхон?! Бу нима деганингиз? Мен, ахир... Мунисхон қулоқ солмади, шиппагини шипиллатиб ётоқхонадан чиқиб кетди.
Раҳим Саидов бўшашганича жойидан туролмай қолган эди. Кўп ўтмай Мунисхон кирди.
— Барибир оламан. Қарзга ботсам ҳам оламан. Шу пайтгача сиз нима олиб берувдингиз, буни олиб берасиз?! Ўртоқларимнинг ҳаммаси тиллага кўмилиб ётишибди. Битта мен шўрлик кечалари билан тийинни ҳисоблаб чиқаман.
— Ёлғон! — қичқириб юборди Раҳим Саидов ўзини тутолмай.
— Ҳа! Алам қилдими?! Овозингиз чиқиб қолди? Менга бақирманг!
— Бақирганим йўқ. — Раҳим Саидов хатосини тузатишга уринди. — Тушунинг ахир, пулга зарурлигингиз ёлғон, деяпман, холос.
— Бақирдингиз. Кимга? Менга-я, эшик тиқ этса, келдиларми деб, кўчага югурадиган одамга-я?! Мендан бўлак ким ярим кечагача ёлғиз ўтиради сизни пойлаб? Ким сассиқ носкиларингизни ювади? Чангга, лойга ботиб келасиз дала-даштдан, чурқ этиб оғиз очмайман. Битта узук десаму, балога қолсам-а? «Шуни тақиб тура қолинг»миш! Мана тақиш!
Мунисхон узукни бармоғидан суғуриб улоқтирди, узук думалаб-думалаб тахта каравотнинг тагида тўхтади.
— Бўлди, — деди Мунисхон. — Бу охирги томчи. Кетаман. Аямлар, ҳали ҳам кеч эмас, дейдилар, кетаман.
Уйни йиғи овози тутиб кетди. Раҳим Саидов хотинини овутмоқчи бўлиб у ёғидан ўтди, бу ёғидан ўтди. Мунисхон йўлатмади.
Ўша куни институтдан уйга беш-олти марта қўнғироқ қилди. Мунисхон трубкани кўтармади. Лабораторияда ўша кунлари вилтга қарши янги препаратнинг химиявий анализлари олиб борилаётган эди. Раҳим Саидов топган ва унинг бевосита раҳбарлигида ўтказилаётган тажрибалари агар натижа берса, фанда катта кашфиёт қилинган бўлар эди. Пахта ҳосили анча кўтарилар эди. Ана шу муҳим иш устида ҳам бизнинг қаҳрамонимиз тинч эмас эди, баъзан «нега ҳам шу лаънати тушни кўрдим?» — деб ўзини койиб қўярди.
— Янами? — сўради тушлик маҳали ундан ҳафсала-сизлик билан кавшаниб ўтирганига ачиниб, лаборатория бошлиғи, курсдоши Ҳафиз Абдуллаев.
— Ажралмасам бўлмайди, — деди Раҳим Саидов. — Бугунгиси охирги томчи. Ажраламан.
— Ўзинг биласан, — деди Ҳафиз. — Лекин мен сенга айтсам, дўстим, хотин-халажнинг дилини билиш ҳам катта кашфиёт. Ҳа, бу сенга вилт эмас.
Раҳим Саидов рози бўлиб бошини хам қилди. Ўша куни у ишдан чиқиб, Ўрдадаги тилла магазинига кирди. Мунисхоннинг қўлидаги узукдан йўқ эди.
— Узук керакмиди? — сўради ёшгина, келишган со-тувчи йигит.
— Ҳа, ёқут кўзли узук.
— Унақаси анчадан бери йўқ. — Раҳим Саидовнинг ўйланиб қолганини кўриб, сотувчи: — Тўхтанг-чи! — деди-да, ичкарига кириб кетди.
Бир маҳал у қора духоба қутичага солинган учта кички-на-кичкина бриллиант кўзли узук олиб чиқди.
— Ҳозирги энг яхши узуклардан.
Узук чиндан ҳам яхши эди. Кўзлари ёнма-ён жойлаштирилган, тилласи қалин эди.
— Қанча?
— Икки юз олтмиш етти сўм.
Раҳим Саидовнинг ичида бир нарса узилгандек бўлиб кетди, лекин сир бой бермади. Узукни секин қайтарар экан:
— Чиройли экан, — деди.
— Оласизми? Ўзи битта, — сотувчи йигит пештахтага ишора қилди. — Агар бу ёққа қўйсам, қолмасди.
Раҳим Саидов ўйланиб қолди. Бунча пул ёнидагина эмас, уйида ҳам йўқ эди. Албатта, ярим ойлик маошига авансини қўшиб олса — баъзан шундай қилиб турарди — етади, лекин маошга ҳали бор. Нима қилиш керак?
— Қачон бекитасизлар? — сўради у сотувчидан.
— Ярим соат қолди. Агар ҳозир пулингиз бўлмаса, — сотувчи оғзи тўла тилла тишларини кўрсатиб илжайди, — эрталабгача олиб қўяман, хурсанд қиларсиз.
— Албатта, — деди шошиб Раҳим Саидов ва кўчага чиқди.
Унинг эсига ўртоғи Ҳафиз келиб қолган эди. Унда доим пул бўлади. Хотини ҳам кандидат.
Шундай магазиннинг ёнида телефон-автомат бор эди. Раҳим Саидов Ҳафизнинг уйига қўнғироқ қила бошлади.
— Манави ишинг жойида, — деди Ҳафиз унинг кўнглини кўтариб. — Албатта бераман.
— Ўн минутда етиб бораман. Кўчага чиқиб тур. Хотинингдан уяламан! — қичқирди севиниб Раҳим Саидов ва трубкани илди.
Ярим соатдан сўнг у тўрт қаватли бино олдида таксидан тушди. Бир қўлида портфель, бир қўлида Мунисхон яхши кўрадиган «Пахта» торти. Унинг чеҳраси шод, тоғни талқон қиладиган одамдек, кўкраги ҳам кўтарилган эди.
Тўртинчи қаватга лифтнинг тушишини кутмай кўтари-либ, юрагини тўлдириб турган ғурур билан қўнғироқ туг-масини босди. Ўзининг калити бўлса ҳам, у Мунисхоннинг ўзи эшикни очишини ва унинг севинч барқ уриб турган юзини кўришини истарди. Лекин эшик орқасида ҳеч кимнинг товуши эшитилмади. «Ухлаб ётибдимикин?» — ўйлади Раҳим Саидов ва портфелини ерга қўйиб, чўнтагидан калитни олди.
— Мунис!... Мунисхон?!
Ҳеч қайси хонада хотини йўқ эди. Раҳим Саидов бўша-шиб, ошхонадаги стулга ўтирди. «Қаёққа кетиши мумкин?» У қанча ўйламасин, хотинининг қаердалигини ўйлаб тополмади. Албатта, Қўқонга кетмаган. Ёш бола эмас. Арзи-маган жанжалга кетиб қолса. Ўртоқлариникидамикан? У соатига қаради. Тўққиздан ўнта ўтибди. Замираларникидамикин? Кейинги пайтларда шу ўртоғини кўп гапирарди. У ҳам чет тиллар институтини битирган. Институтда дарс беради. Замира, Замира... Замира Каримова. Раҳим Саидов шошиб телефон китобини қўлига олди. Ҳайтовур, телефони бор экан. Трубкани олди. Шу заҳоти айниди. Балки у ердамасдир? Йўқ, дейишса хунук аҳволга тушиб қолади. Бир марта шундай бўлган. Қайси бир ўртоғиникига телефон қилиб, жуда уятга қолган. Мунисхон ўшанда кўчада ёлғиз юрган экан. Яна жанжал кўтарилади.
У трубкани қўйиб, ётоқхонага кирди. Ўрин йиғиштирилмаган. Эрталаб кетаётганида қандай бўлса, шундайлигича ёйилиб ётибди. Тошойна олдидаги кўк духоба ғилоф тортилган курсида Мунисхоннинг ички кўйлаги осилиб ётибди. Упа-элик қутилари бетартиб. Демак, пардоз қилибди. Унинг эсига эрталаб хотини улоқтирган жез узук тушди. Энгашиб каравотнинг остига қаради. Ҳеч қаерда у йўқ. Тақибди. Қаёққа кетди экан? Балки кўчаларда санқиб юргандир?
Раҳим Саидов шу қарорга келиб, кутишни лозим топдида, ошхонага ўтди. Шошилмасдан чой қанатди. Ҳеч нарса егиси келмади. Аччиқ кўк чой ичиб, бугунги газеталарни варақлай бошлади. Шу алфозда билинмай вақт ўта бошлади. Нима қилиш керак? «Интурист»нинг «Тошкент» меҳмонхонасидаги бўлимида ишлайдиган Фарида хотинининг сирдошроқ дугонаси эди. Бир-икки марта эри билан уришиб келиб, ҳасрат қилиб ўтирганини кўрган. Шунга телефон қилмоқчи бўлди. Нима дейди? Аввал, ҳол-аҳвол сўрайди, кейин хотини унинг олдига кирмоқчи бўлганини айтади. Шу фикр билан у трубкани олди.
— Фарида? Салом, бу мен, Раҳимжонман. Яхшимисиз? Раҳмат, раҳмат. Мен ҳозир ишдан келдим. Ҳа, далада эдим. Мунисхон сизнинг олдингизга кирмоқчи эди? Йўқ?! Кечирасиз.
У трубкани қўйди. Қаёкда бўлиши мумкин. У тасаввур қилолмасди. Соат ўн бир ҳам бўлди. Энди у жиддий хавотир ола бошлади. Яна бирпас кутиб ўтирдида, кўчага чиқди. У хиёбон томон оҳиста юра бошлади. Кўчада одам сийрак, фонарларнинг ёруғидан унинг икки бетидаги одам-ларни ҳам таниш мумкин эди. Мунисхон кўринмади. Хиё-бонни икки марта айланиб чиқди. Яна уйга кирди. Уй ичи кўчган ҳовлидек ҳувиллаб турарди. Уятни йиғиштириб қўйиб, Замираларникига телефон қилди. Уйқусираган овоз «йўқ», деди. Шунда у хотинининг сўнгги гапини эслади: «Аямлар ҳали ҳам кеч эмас, дедилар». Наҳотки кетиб қолган бўлса? Унда бирор из қолдириб кетарди. Раҳим Саидов шифонерни очди. Чамадонлар жойида. Уники ҳам. Мунисхон яхши кўрадиган сариқ чарм чамадон ҳам. Жаҳл устида ҳеч нарса олмай кетган бўлсачи? У шундай ўйлаб, трубкани яна қўлига олди. Соат тўртдан йигирма минут ўтган эди шунда. Телефончи қиз бир соат кутишни сўради.
— Йўқ, йўқ, синглим, — ялинди Раҳим Саидов. — Ўтинаман, ҳозир беринг. Жуда ҳам зарур!
— Ҳамманинг ҳам гапи зарур, — хотиржамлик билан жавоб қилди телефончи қиз. — Бўлмаса ким кечаси телефон қилади?
— Сиз мени эшитинг, синглим! — йиғлагудек бўлди Раҳим Саидов. — гап одам устида кетяпти! Одам йўқолди. Эшитяпсизми, одам!
— Кутинг, — трубка банд бўлиб қолди.
Раҳим Саидов хўрсиниб, стулга омонатгина ўтирди. Шу тоб анчадан бери чекмаганлиги эсига тушди. У уйда чекмасди, баъзи-баъзида ўртоқларига қўшилиб тутатиб қоларди. Лекин Мунисхон яхши сигаретларнинг уйида туришини истарди. Онда-сонда чекарди ҳам. «Филипс», «БТ», «Стюардесса» ва яна аллақандай узун сигаретларни қаёқдандир топиб келарди.
Раҳим Саидов меҳмонхонага ўтиб, стол устидаги сигарет қутисини олди. Аллақандай бир сигаретни олиб тутатди. Йўтал тутди, дастрўмолини чўнтагидан олиб, оғзига тутгунча ҳам вақт ўтгани йўқ, телефон жиринглаб қолди. Югуриб бориб трубкани кўтарди.
— Алло! Тошкент! — Бояги телефончи қизнинг овози келди. — Қўқонни сўровдингизми?
— Ҳа-ҳа, Қўқон керак! — шошиб жавоб қилди Раҳим Саидов.
— Ҳозир улайман. Номерини айтинг.
— 33-47.
— Улайман!
— Алло! Ая! — Раҳим Саидов трубкадан эркак овозини эшитди. — Дада! Сизмисиз? Ассалому алайкум! Безовта қилганим учун кечиринг, Мунисхон бордими?
— Қаёққа? — ҳеч нарса тушунмай сўради эркак овози.
— Сизларникига-да!
— Йўқ. Келгани йўқ. Нима, яна уришиб қолдиларингми? Раҳим Саидов ростини айтишга мажбур бўлди.
— Ҳа, жиндек айтишиб қолдик. Уйда йўқ. Аямникига кетаман деяётувди эрталаб. Шундай, ишдан келсам йўқ.
— Қўқонга келгани йўқ. Келса... топиб ҳайдайман.
— Нима? — эшитмади Раҳим Саидов.
— Келса, ўша заҳоти изига қайтараман! Хавотир олманг! Уни ўзингиз яхши биласиз-ку?! Топилади. Биронта ўртоғиникидадир! Сизни қийнамоқчи. Мен уни яхши биламан. Хўп, энди ётинг. Роса чарчаганга ўхшайсиз. Ишлар яхшими?
— Раҳмат, — деди Раҳим Саидов анча кўнгли жойига тушиб. Қайин отаси кекса ўқитувчи, уни яхши тушунарди, кўпинча унинг ёнини оларди. — Эрталаб яна телефон қиламан!
— Яхшиси, ўзига айтинг! Ўзи телефон қилсин! Бетамиз!
— Лаббай? — тушунмади Раҳим Саидов.
— Ўзи телефон қилсин, деяпман, бетамизнинг ўзи!
— Хўп, хўп! Хайр. — Раҳим Саидов трубкани қўйди. Ҳа, у қийин аҳволга тушиб қолган эди. Ҳеч қайси жанжалдан кейин Мунисхон бунчалик узоқ йўқ бўлиб кетмаган эди.
Уни мудроқ боса бошлади. Стул суянчиғига қаддини ташлаганча кўзларини юмди. Боши ғувиллар, уйқу аралаш миясида минг хил фикр кезарди. Қаёқда қолди экан? Ишқилиб тинчликмикан? Уни ҳеч қачон оила ташвишидан бошқа нарса бунчалик оғир аҳволга солмаган эди. Албатта, ўқишни ўзи бўлмайди. Ўқиш пайтлари мактабда ҳам, институтда ҳам қийналди — етишмовчилик, ўқишдан кейин отанинг ёнида ишлаш... Шунинг учун ҳам баъзи семестрларда стипендиясиз қоларди. Лекин ўқитувчилари унинг қобилиятини яхши билишарди. Ҳамма аълочилар ҳам қобилиятли бўлавермайди. Институтни битирган йили аспирантурада олиб қолишди. Уч йил ўтар-ўтмас диссертациясини ёқлади. Мана энди иш. Катта илмий текшириш институтида катта илмий ходим. Муҳим тажриба олиб боряпти. Албатта, буларнинг ҳаммаси осонликча қўлга кирмади. Лекин ўқишдаги, мана ҳозир ишдаги қийинчиликлар, ташвишлар — ҳаммаси уйдаги аҳволи олдида байрамдек эди.
Кўз олдида Мунисхон пайдо бўлди. Катта майдон. Бедазор. Беданалар сайраб ётибди. Олдинда катта анҳор. Тиниқ, муздек сув шарқираб оқяпти. Мунисхон сувдан чиқиб, сочларини сиқди, кейин бошига чамбарак қилиб, унинг қаршисига юра бошлади. Оппоқ кўйлаги баданига чиппа ёпишган, этакларидан кумуш тангалардек сув томчиларди.
Раҳим Саидов севиниб кетди ва хотини томон қадам ташлади. Шу пайт Мунисхон йўқолди. Раҳим Саидов аланглаб атрофига қараган эди, анҳор ичида бошини кўрди.
— Қаёққа?... — қичқирди у.
— Юринг, — чақирди Мунисхон.
Раҳим Саидов ечинмасдан, шундай туфлиси билан сувга оёқ қўйди ва шу заҳоти шалоп этиб ағдарилди...
У сапчиб ўрнидан турганда, кўча эшик қўнғироғи ти-нимсиз жирингларди, югуриб бориб очди.
— Мунис?
Лекин бу Мунисхон эмас, эркак киши эди.
— Кечирасиз Саидова Муниснинг уйлари шуми?
— Ҳа, нима эди? Тинчликми?
Эркак киши ичкарига кирди ва соат чўнтагидан ҳужжа-тини олиб кўрсатди.
— Милицияданман. Лейтенант Султонов.
— Тинчликми? Мунисга нима бўлди? Кечадан бери йўқ.
— У киши сизга ким бўладилар?
Лейтенант Султонов бошдан-оёқ унга разм солиб чиқди.
— Хотиним, хотиним бўлади. Айтсангиз-чи, унга нима бўлди? — жаҳл билан сўради Раҳим Саидов.
— Ўзингизни қўлга олинг, хунук хабар келтирдим.
— Нима?! — Раҳим Саидовнинг юраги орқасига тортиб кетди.
— Хотинингиз... Хотинингиз қазо қилибди. Бундан икки соат бурун Чорсуда ўлигини топдик.
— Ўлигини топдик?!
    — Ҳа.
— Нега ўлик? Ким ўлдиради? — бўшашиб кетди Раҳим Саидов.
— Бу ҳали номаълум.
Раҳим Саидов гандираклаб кетди. Лейтенант уни қўлтиқ-лаб ичкарига олиб кирди-да, меҳмонхонадаги креслога ўтқазди.
— Ўзингизни босинг, энди фойдасиз, — деди у.
— Мунис! Мунис!!
Раҳим Саидовнинг лаблари титраб, кўзларидан ёш қуюлиб кетди. У ҳар қандай хунук хабарни кутишга тайёр эди, лекин ўлимни эмас. Энди у нима қилади? Мунис, Мунис! Нима қилиб қўйдинг?
— Мен ўлдирдим уни!... — Бўғилиб деди Раҳим Саидов.  — Ҳаммасига мен айбдорман, мен!
— Ўзингизни қўлга олинг, — уни юпатди яна лейтенант. — Энди ташвишингиз кўп. Ёлғиз ўзингизмисиз?
— Ҳа, — бошини лиқиллатди Раҳим Саидов. — Нима эди?
— Хабар бериш керак. Қариндош-уруғ дегандай...
— Ҳа, ота-онасига айтиш керак.
— Улар қаерда туради? Чекасизми? — лейтенант унга сигарет қутисини узатди.
Раҳим Саидов титроқ қўллари билан битта сигаретни олиб оғзига олиб борган эди, тушиб кетди.
— Бошқасини олинг, — таклиф қилди лейтенант ва унга билинтирмай ердаги сигаретни кўтариб, чўнтагига солди.
— Улар қаерда туришади? — яна сўради лейтенант.
— Ҳа... Қўқонда. 33-47.
— Ишхонадан телефон қиламан. Хўп, мен кетдим. Лейтенант эшикка борганда тўхтади.
— Хотинингиз... икки соатдан сўнг ТошМИ моргида бўлади. Дадил бўлинг.
У кетди. Раҳим Саидов ҳеч нарсага парвосиз, бўшашга-нича ўтирарди. У худди туш кўраётгандай эди. Мана, ҳозир Мунисхон ётоқхонадан чиқиб келади. Эгнида оқ кўйлак. У шу кўйлакни яхши кўрарди. Чиқади-ю, келиб пешанасидан ўпади...
Бирдан унинг қулоғи остида лейтенантнинг сўнгги гапи жаранглаб кетди. У моргда!
— Мунис! Мунисхон!..
Раҳим Саидов ўзини тутолмай, йиғлаб юборди.

3

Милиция капитани Собир Алиев ўз кабинетида хомуш ўтирарди. У эртадан меҳнат отпускасига чиқиши керак эди. Ариза бериб қўйганига бир ҳафтадан ошди. Икки йилдан бери хотинига бирга дам олиб келамиз, дерди, лекин ҳеч имкони бўлмасди. Бу йил ниҳоят орзуси амалга ошадиган бўлиб, Трусковецга иккита путёвка олиб қўйганди, тасодифан қўлига янги иш тушиб қолди. Агар куни кеча отпускага чиққанда, бу ишни бошқа одам оларди. Энди кеч. У ичида ёрдамчиси лейтенант Султоновдан хафа эди. Уйга у телефон қилди. Хотини ҳам соддалик қилиб уни чақириб берди. Мана энди отпуска бекор. У ўзи учун жуда ҳам хафа эмас эди. Хотинидан уяларди. Тўйдан бери мана икки ярим йил ҳам ўтди, ҳеч қаёққа олиб боролгани йўқ. Ваъдалари эса қуюқ эди. Фарғонани айлантириб келмоқчи бўлди. Бир ёғи Шоҳимардон, бир ёғи Арслонбоб. Бўлмади. Самарқандга бориб, Ургутда дам олиб келамиз, деди. Бўлмади. Ялтани ҳам ваъда қилди. Энди жўнаймиз деб туришганда жиннихонадаги иш очилиб қолди. Жуда ғалати, бош оғритадиган иш эди. Уч ой — ёзнинг деярли ҳаммаси шу ишни текширишга кетди. Ялта олис юлдуздек олисда милтиллаб қолаверди. Ўшанда бир тасодиф сабаб бўлди-ю, касалхонанинг бош ҳамшираси сўроқ пайтда иккита рўмолча ишлатди. Биттаси жуда ғалати, капитан излаб юрган тўр рўмолча эди. Кейинчалик шу рўмолча касалхона территориясидаги яширин цехга, ундан эса республиканинг турли районларига жўнатилган миллион-миллион метр кашталарга олиб борди. Лекин шунгача озмунча тер тўкилдими?!
Капитан Алиев ҳозир шуни ўйлар экан, янги иш ҳам узоқ чўзилишини, бу оддийгина қотиллик эмаслигини, қотилни топиш ва фожианинг сабабларини аниқлаш анча вақт олишини сезарди. Шунинг учун уйга қандай телефон қилишини билмай ўтирарди. Хотини самолётга билет олишни ва Трусковецга олиб кетиш учун бозордан узоқ турадиган мева-чева харид қилишни топширган эди.
Секретарь қиз чой олиб кирди.
— Султонов келмадими? — сўради капитан қизнинг қўлидан пахта гулли пиёлани олар экан.
— Йўқ, — қиз оқ қоғоз устига чойнакни қўйди.
— Келса албатта чақиринг.
— Хўп бўлади.
— Экспертизадан ҳеч нима келмадими?
— Ҳали йўқ. Ярим соатдан сўнг Ғуломовнинг ўзлари келадилар.
— Яхши.
Секретарь қиз яна бирор савол бўлиб қолар, деб пойлаб турди. Капитан чой билан овора, унга эътибор бермади. Қиз эшик томон юзланиб, сўради:
— Отпускангиз нима бўлди?
— Нима эди?
— Мен ҳам чиқмоқчи эдим.
— Назаримда ҳали-вери отпускага чиқолмасам керак.
— Кетавермайми?
— Марҳамат.
Секретарь қиз чиқиб кетди. «Бунинг ҳам режалари бузилди», ўйлади ичида капитан ачиниб. Лекин нима қилиш мумкин? Иш бўлгандан кейин шу-да. У трубкани кўтарди.
— Эшитаман, — секретарь қизнинг овози эшитилди.
— Мени уй билан уланг. Санобар? Ҳа, менман. Йўқ, ҳали ҳеч қаёққа боролганим йўқ. Боролмасам керак. Эшитинг, эшитинг ахир! Муҳим иш чиқиб қолди. Отпускани бекор қилишди. Эшитяпсизми? Ҳа, шундай бўлиб қолди. Бир ой. Бўлди, бўлди, ўзингизни босинг. Бир ой ниҳояти. Путёвкаларни ўзим алмаштираман. Ҳа, ҳа, атиги бир ой. Дам олишга куз ҳам жуда яхши бўлади. Трусковец бўлмаса бўлмас. Қримга борамиз. Биласизми, октябрни у ерда бархатний сезон дейишар экан. Ўша ёққа борамиз. Хўп, ҳозирча. Кечқурун албатта уйга бораман.
Капитан трубкани қўйди, оғир хўрсиниб, пешанасидаги терни артди-да, олдидаги папкани очди.
«Саидова Мунис... 197... йил, 22 август...» Нима бўлиши мумкин? Ким ўлдирди? Нега?
У папка ёнида турган оппоқ қоғозга қандайдир учта белги қўйди ва авторучкаси билан чаккасини қашиб ўйга толди. У ҳозир бу тунги фожиа ҳақида ҳеч нарса билмасди. Олдида фақат фожиа тафсилоти ёзилган икки варақ қоғоз, марҳумнинг сумкасидан чиққан шахсий шаҳодатномаси ва зудлик билан катта қилинган шу шаҳодатномадаги сурат... Бошқа ҳеч нарса ҳали унга келиб теккани йўқ. Ҳаммаси тунги оператив группа бўлимида. Лекин ҳаммасимикин? Улар орасида тугунни ечадиган бирон нарса бормикан? Саидова Мунис... ёш экан, чиройли экан... Бунинг энди ҳеч қандай аҳамияти йўқ...
Капитан шаҳодатномани олиб ўқий бошлади. Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти. Француз тили кабинети бошлиғи, 197... 26 январь... Ҳаммаси аниқ ва равшан. Шаҳодатномадан бошқа ҳеч нарса билиб бўлмайди. Нега ўлдиришди? Ким ўлдирди?
Капитан оқ қоғозга яна битта белги қўйди.
Секретарь кирди.
— Гувоҳ Шайхуддинова келди.
— Чақиринг.
Хонага ранги оқарган трамвай ҳайдовчи қиз уялинқираб кирди-да, жавдираб капитанга қаради.
— Келинг, ўртоқ Шайхуддинова, ўтиринг.
Капитан рўпарасидаги стулни кўрсатди.
— Хўш, ўртоқ Шайхуддинова, фожиа қандай юз берди?
Мунира сапчиб ўрнидан турди.
— Мен ҳеч нарса билмайман. Мен кўрдим, холос!
— Хўп, хўп. Тинчланинг. Кўрганингизни гапириб беринг. Ўтирсангиз яхши бўларди.
Мунира ҳозиржавоблик билан ўтирди.
— Раҳмат. Бу шундай бўлди: мен биринчи сменада эдим кеча. Саккизинчи маршрутда ишлайман. Чорсу — Тўқимачилар комбинати. Эрталаб, ҳали қоронғи эди...
— Соат неча эди!
— Соатми? Соат бешлар эди. Ҳа, тўғри, беш эди. Чунки остановкага келганимда, бешдан ўн минут ўтган эди.
— Қайси остановкага?
— Чорсуга-да. Паркимиз Чорсуда. Ундан чиқиб, майдонни айлансак биринчи остановка.
— Хўш, кейин-чи?
— Шундай қилиб, эрталаб ҳали қоронғи эди, паркдан чиқдим. Вагондаги битта лампочка ёнмаган экан, шундай дарвоза олдида, орқамга қараб кўриб қолдим. Тўхтаб, Клаванинг вагонидан битта лампочка олиб келдим. Склад эрталаб ишламайди. Кейин майдонга ўтдим.
— Ҳеч ким йўқмиди майдонда?
— Ҳеч зоғ! Мендан бошқа, албатта.
— Тушунаман, давом этинг.
— Майдонни айланиб, остановкага келдим. Бу ер ҳам жимжит. Ҳеч ким йўқ эди.
— Кечирасиз, ҳар доим эрталаб жимжит бўладими ўша ер?
— Ҳар доим. Фақат иккитами-учта одам трамвайга чиқади. Иккинчи рейсга жуда кўп. Ишга боришадида. Биринчи рейсга чиқадиганларни биламан. Бир киши. Темирйўлчи. Кеча ҳам у бор эди. Кейин бир йигит, врачман, дейди. Янгийўлда ишлар экан. Кейин яна бир кампир. Вера хола. Уборшица. Комбинатга боради. Яна...
— Жуда яхши. Демак, остановкага келдингиз?
— Ҳа, остановкага келдим. Жимжит. Ҳеч ким йўқ эди. Бир минут ҳам турганим йўқ эди, амаки чиқди.
— Ким?
— Амаки. Темирйўлчи-да.
— Хўш?
— Сўрашдик. У ўртага бориб ўтирди. Мен янги билетни шундай кассага солаётганимда... гапира олмайман...
— Нега? — ҳайрон бўлди капитан.
— Қўрқиб кетяпман...
— Нимадан қўрқасиз? Чой ичиб юборинг. Капитан унга чой қуйиб узатди.
— Раҳмат. — Мунира қалқиб-қалқиб ичди. — Бечорага одам жуда ачинади. Ёш эканми?
— Ҳа, анча ёш экан. Хўш, билет солаётувдингиз.
— Ҳа, кассага янги билет солаётган эдим, кўзимга оқ туфли кўринди. Чиройли оқ туфли. Учи осмонга қараган. Кўриниб турибди, кимдир думалаб ётибди.
— Думалаб ётибди?
— Ҳа, бу ерда мастлар кўп бўлади. Катта наъматак бор остановкада. Худди садага ўхшайди. Ўшанинг тагида. Кўрди-му, жаҳлим чиқиб кетди. Маст деб ўйладим-да! Кейин амакини чақирдим. Амаки уни кўриб, мастмас, дедилар. Кейин пастга тушдик. Аввал амаки, кейин мен. Ҳа, мен вагонга қайтиб фонаримни олиб тушдим. Шундай юзига тутдиму, қотиб қолдим. Биласизми, юз-кўзи шундоқ қон эди. Афти қанақалигини ҳам билиб бўлмайди. Бечорага жудаям ачиниб кетдим. Кейин амаки, югур, телефон қил, дедилар. Югуриб паркка келдим. Бригадиримиз бирам уришиб берди!
— Нега?
— Трамвай туриб қолмасин, деди-да. Шундай бўлса ҳам директорнинг кабинетига кириб телефон қилдим. Гапираверайми?
— Раҳмат, бўлди, — деди капитан. Фожианинг даво-мини лейтенант Султонов айтиб берган эди. — Уни илгари кўрганмидингиз?
— Илгарими? — Ўйланиб қолди Мунира, кейин елкаларини қисди. — Қайдам... Афтини кўролмадим, қонга ботган, ёрилган эди.
— Манави аёлничи?
Капитан Саидованинг шаҳодатномасидан катта қилинган суратни кўрсатди.
— Қани? — Мунира капитан қўлидан суратни юлиб олди-да, унга қаттиқ тикила бошлади. — Кўргандайман. Ҳа, бир-икки марта кўрганман. Чорсуда тушган эди, бир-икки марта. Лекин қаерда трамвайга чиққан, билмайман.
— Шу сурат ўша аёлники.
— Вой! — Мунира қўлидаги суратни ташлаб юборди. — Бечора-ей!.. Жудаям чиройли экан-а!
— Ҳа, у чиройли аёл эди. Хўп, ўртоқ Шайхуддинова, ҳозирча хайр. — Капитан стол остидаги қўнғироқ тугмасини босди.
Секретарь қиз кирди.
— Эшитаман?
— Бу кишига қоғоз-ручка беринг. Ўртоқ Шайхуддинова, ҳозир менга гапириб берганларингизнинг ҳаммасини ёзиб, шу қизга беринг. Кейин сизга рухсат.
Мунира кабинетдан чиқаётганда, лейтенант Султоновга дуч келди ва чўчиб, унга йўл берди.
— Салом.
— Салом, — деди лейтенант ва унга қарамай, ёнидан ўтиб кетди.
— Хўш? — сўради капитан Мунира чиқиб кетгач, ундан.
— Уйини топдим. Ц—5 да турар экан. Эрини кўрдим. Кийимлари ғижим, назаримда, кечадан бери ечинмаган. Ҳар эҳтимолга қарши бармоқларининг изини олдим.
— Чекар эканми?
— Чектирдим. Сигаретни экспертизага бериб келяпман.
— Яхши.
— Собир ака?
— Лаббай?
— Қўқонга телефон қилиш керак. Ота-онаси Қўқонда турар экан. 33-47. Ўликни қачон берамиз?
Капитан жавоб беришга улгурмай, секретарь қиз кирди.
— Капитан Ғуломов келдилар.
— Чақиринг.
Хонага ҳарбий медицина формасидаги тўладан келган офицер кирди.
— Тугатдик, — деди у Султоновнинг рўпарасига ўтирар экан. — Марҳума кеча кечқурун, соат йигирма тўртларда ўлган. Ярим соатча қийналган. Икки жойидан — кўкраги ва қорнидан пичоқ еган, бошига ўнг чаккаси аралаш оғир нарса билан урилган. Бош суягининг орқаси дарз кетган. Хуллас, ҳақиқий қотиллик. Лаънати, урганга ҳам ўхшайди, баданларида, айниқса, қўлларида кўкарган жойлари бор. Яна бир деталь. Марҳума фожиадан бир соат олдин коньяк ичган. Плиски.
Ғуломов, гап тамом, дегандек текшириш оқибатлари солинган папкани Алиевнинг олдига қўйди.
— Эри кечқурун қаерда бўлган? Алиев лейтенантга мурожаат қилди.
— Бу билан лейтенант Қодиров шуғулланяпти. Капитан радиорубкани илгагини кўтарди.
— Менга старший лейтенант Рўзиевни уланг.
— Рўзиев эшитади!
— Ўртоқ старший лейтенант! Текшириш тугадими?
— Тугади.
— Бўлмаса Саидованинг буюмлари ва текшириш натижалари билан менинг олдимга киринг.
— Хўп, ўртоқ капитан.
— Коньяк ичган, денг? Капитан Ғуломовга ўгирилди.
— Ҳа, юз граммча.
— Демак, енгил кайфи бўлган?..
— Гавдасига қараганда, унча сезиларли эмас, лекин... — Ғуломов қошларини чимирди. — Аёл кишининг шунча коньяк ичишига бирор сабаб бўлиши керак.
— Ичиришган, демоқчимисиз?
—Билмадим. Чиройли экан, биронта безори кетига тушган бўлиши мумкин.
— Уни битта деб ўйлайсизми?
— Ҳар ҳолда мурдада битта одамнинг изи. Ҳаммаси ёзилган.
Капитан Алиев беихтиёр врач қўйган папкани очди ва протоколга кўз югуртирди.
— Ҳа, тахминингиз ҳақиқатга яқин. Тажовузга ўхшайди.
— Мумкинми?
Кабинетга старший лейтенант Рўзиев кирди. Бу қотмадан келган, қорача, лейтенант Султонов тенги йигит эди. Қўлида темир қути.
— Мана буюмлари.
У қутини очиб, буюмларни ола бошлади.
— Зирак. Кўзлари бриллиант. Тўрт юз саксон сўм туради. Узук. Кўзи ёқутдан. Баҳоси уч юз қирқ олти сўм. Тошкентда фақат Урдадаги магазинда бир йил олдин бўлган. Уч дона. Учаловини ҳам сотиб олган одамлар маълум. Бу узукни у қаердан олганлигини аниқлай олмадик. Зираклар «Рубин»дан шу йил баҳорда олинган. Бу магазин Богдан Хмельницкий кўчасида. Тилла соат. Эркакларники. Бир юз етмиш сўм. Совға: Р. Саидовдан.
— Бу эри, — изоҳ берди лейтенант Султонов.
— Сумкасидан ўн уч сўм пул чиқди, — давом этди Рўзиев. — Қош бўяйдиган қора қалам. Упа, ойна. Рўмолча. Магазинники. Тутилган. Фақат ўзи тутган. Кейин газета парчасига ўроғлиқ мана бу қутича.
Рўзиев қутичани капитанга узатди.
— Нима экан бу?
— Узукнинг қутичаси. Аниқладик. Қутича шу қўлидаги узукники. Янги. Узук ҳам янги. Икки кун бўлган қўлига таққанига. Манави никоҳ узук. Олтмиш тўрт сўм туради. Кийим-кечагини олиб келганим йўқ.
Капитан Алиев марҳуманинг тақинчоқларига қараб, ўйланиб қолди.
— Ҳа, бадавлат аёл экан. Эри қаерда ишлайди?
— Ўсимликлар биологияси илмий-текшириш институтида, — жавоб қилди лейтенант Султонов. — Яқинда кандидатлик диссертациясини ёқлаган. Старший илмий ходим.
— Демак, қотил ўғри эмас.
— Ҳа, — гапга қўшилди Ғуломов, — бу ё номусига тегмоқчи бўлган одам, ё...
— Далилингиз тўғри, — деди капитан. — Ўликни берсак бўладими?
— Агар сиз рухсат берсангиз...
— Моргга жўнатинг, менга керак эмас.
— Яхши, кетсам майлими?
— Марҳамат.
Капитан Ғуломов чиқиб кетди.
— Хўш, нима дейсизлар? Алиев ёрдамчиларига тикилди.
— Эрини сўроқ қилиш керак, — деди лейтенант Султонов.
— Бошида шунча ташвиш турганда-я? Ўликни эртага олиб кетса, индинга кўмади. Ўшандан кейин у билан гаплашамиз. Ҳозир марҳума кеча қаерда, ким билан бўлган, ким билан ичган — шуни аниқлайлик. Келишдикми?
Капитан ёрдамчиларига гап тамом, дегандек қаради ва кўзларини юмди.
Ҳа, бу воқеа анча вақтини оладиганга ўхшайди. Ҳозир унинг сабабларини тахмин қилиш фойдасиз, ҳозир марҳуманинг кечаги ҳар бир қадамини шошмасдан заргардек аниқ белгилаб чиқиш керак эди...
Худди шундай воқеа капитаннинг бошидан ўтган. Олти йил бўлди шунга. Ҳа, роппа-роса олти йил. Ўшанда у район милиция бўлимида ишларди. ТошМИнинг орқасидаги маданият ва истироҳат боғига туташиб кетган «Шанхай» деб ном олган пастак, омонат уйлар орасидаги жинкўчаларнинг бирида ёш бир аёлнинг ўлиги топилди. Ўшанда ҳам қотил унинг ҳеч нарсасига — на тақинчоқлари, на сумкасидаги талайгина пулга (аёл озиқ-овқат магазинида сотувчи бўлиб ишларди) теккан, лекин ашаддий душман сифатида бутун ерини қолдирмаган, урган, бўғган, охири бошига тош билан уриб ўлдирган. Бир ой деганда у топилди. Худди шу ерда, фожиа содир бўлган жойда қўлга тушди. Сабаби — рашк. Аёл у билан бир йилча юрган, ҳатто яшаган, кейин бошқа одам билан турмуш қурган. Йигирма йилга кесилиб кетди.
Бу фожианинг ҳам нимасидир шунга ўхшаб кетарди. Ёш, чиройли аёл. Кўп одам унга хуштор бўлган бўлиши керак. Лекин рашкмикан?
Капитан марҳума ишлаган институтга ўзи бориб келишни лозим топди. Кабинетнинг орқасидаги дам олиш хонасига ўтиб, формасини граждан кийимига алмаштирдида, кўчага чиқди. Уни яна бир нарса хавотирга солиб қўйган эди. У ҳам бўлса, фожиа юз берган жой. Чорсу Тошкентнинг энг гавжум районларидан бири. Наҳотки ҳеч ким уларни кўрмади? Кечки ўн бир — бу ҳали жуда кеч, битта ҳам одам бу ердан ўтмайди, деган гап эмас-ку? Ё...
Унинг хаёлига янги фикр келди-ю, ҳозирча институтга боришдан воз кечди. Қаёққа юришини билмай, газни босиб қўйганича буйруқ кутиб ўтирган шофер сўради:
— Қайси томонга?
— Чорсуга юр!
Машина у кўчадан чиқиб, Навоий проспектига бурилди. Капитан шофер ёнидаги микрофонни олиб тиззасига қўйди.
— Эшитаман! — Секретарь қизнинг овози келди ундан.
— Ўликни олиб кетишлари билан менга хабар қилишсин.
— Хўп бўлади.
«Волга» Хадрадаги фонтанни айланиб ўнгга бурилиши билан капитан буюрди:
— Шу ерда кутинг.
Машина трамвай паркининг дарвозаси олдида тўхтади.
Ҳаво дим, иссиқ асфальт устида сувдек жимирларди. Кўчанинг нариги бетидаги кабобхонадан тарқаётган кўкимтир қуюқ тутун ҳавода буралиб-буралиб қаёққа кетишини билмай, сербарг дарахтлар орасига ўзини урарди.
Капитан қора кўзойнагини тақиб, шу томонга ўтди-да, кенг тротуар бўйлаб пастга, Чорсу томон жадал юриб кетди. Унинг ҳозир бирон нарса аниқлаши қийин эди. Одам кўп, излар топталган, кеча кечқурундан бери неча марта сув сепилгандир? Лекин одат—одат. Лейтенант Султоновнинг батафсил ҳикоясини эшитиб, аниқ тасаввурга келган бўлса ҳам ўша жойни ўз кўзи билан кўриши керак эди.
Мана, бекат. Одам кўп. Ҳар хил одамлар. Биров ишга шошиляпти, биров бозордан келяпти, икки қўлида сетка, корзинка...
Капитан бекатга келиб, наъматак олдида тўхтади. У катта сададек шох отган. Тагига уч-тўрт одам бемалол сиғади, ётса ҳам бўлади. Кетмон ушлаган икки мўйсафид унинг ёнидаги электр устуни тагида гаплашиб турарди. Капитан беихтиёр улар қаршисига бориб сигарет тутатди. Гаплашиб турганлар унга парво қилишмади.
— Топилади, — деди биттаси оғзидаги носвойни наъма-такка тупуриб. — Одам ўлдирармишу топилмайдими?
— Милисани ўзи бўлиб гапирасан-а, чилтон?! — Эътироз билдирди иккинчи ёшроғи. — Кеча ўлган бўлса, ўлдирган одам шу пайтгача манаман деб турадими? Аллақачон жуфтакни ростлаган, лаънати!
«Чилтон» лақабли киши яна тупурди.
— Қочиб қаёққа борарди? Тутилади. Лекин мен сенга айтсам, шунақа одамни отиш керак эмас.
— Нега? — ҳайрон бўлди шериги.
— Бўйнига занжир солиб, шўтга боғлаб қўйиш керак. Шу жойни кўравериб, кўр бўлсин, бошқалар ҳам кўрсин. Японлар шунақа қилармиш, мен сенга айтсам...
— Йўғ-э?..
— Нима «йўғ-э...» Ўзим эшитдим. Чўнтакка тушса — бир қўлини, уйни босса — бир қўл, бир оёғини кесишармиш. Одам ўлдирса, боягидай, ўлдирган жойига ўла-ўлгунча боғлаб қўйишармиш, бўйнига занжир солиб.
— Зўр экан, — деди шериги соқолини тутамлаб.
— Мен сенга айтсам, — давом этди иккинчи киши сирли оҳангда, — эски замонда шундай қилар экан.
— Бечора, ким экан, эшитдингми?
— Ҳеч ким билмайди. Э Мамарасул, нима, бир бебахт одамнинг фарзанди-да!.. Ота-онасини қақшатиб кетди-ку!..
Чинқириб трамвай келди. «Шув» этиб одамлар тушди ундан. Бекатдагилар ҳам шундай «шув» этиб бир зумда уни тўлдиришди. Мўйсафидлар ҳам трамвайга чиқишди. Чорсу майдонида бир қанча вақт сув будкасига суяниб турган йигит ва капитандан бўлак ҳеч ким кўринмади.
Капитан чолларнинг кетиб қолганидан ичида ачинди ва яна наъматакка қаради. Шу топ тротуар билан катта йўлни ажратиб турган қалин ажриқнинг шундай наъматак қаршисида уч-тўртта синган шохларига кўзи тушиб қолди. Хаёлига боя, машинага тушаётгандаги фикри келди. Уни олиб келиб ташлашган бўлса-чи? Шу хаёл билан синган шохларни синдириб ола бошлади.
— Ҳой, нима қиляпсиз? — қичқирди орқадан қандайдир аёл овози.
Капитан ўгирилиб қаради. Унинг қаршисига супурги ва хокандоз кўтарган, этагини липпасига қистирган ўрта ёшли бир аёл шахт билан келарди.
— Кап-катта одам, уялмайсизми? Буни ўстиргунча озмунча уриндимми?
— Кечирасиз, опа, синиб ётибди. Кимдир босиб ўтган бўлса керак, қаранг. Шу ерда ишлайсизми? — сўради капитан кулгиси қистаб.
— Кўрмаяпсизми, қўлимда супурги! Бир ойдан бери шўтдаман, раҳматлик эримнинг ўрнида.
— Нечагача ишлайсиз?
— Э, укам, соатнинг тайини борми бизнинг ишда? Уйим шўтда. Сув дўконининг орқасида тураман. Бўш қолдим, чиқиб супуриб-сидираманда. Одамларда инсоф йўқ, укам. Чекишади, шундай оёқнинг тагига ташлашади. Бир қадам юр, яшик қўйиб қўйибман, шунга ташла! Рўпара бозор. Келди-кетди кўп.
— Кечқурун ҳам чиқиб турасизми?
— Кечқуруни бор эканми?! Этвотманку, бўш қолдим, чиқаман, деб. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, кечаси ҳам. Уйда нимаям қилардим, кун-уззукун бекорман.
— Кеча кечқурунги воқеани биласизми?
— Ана шунга куйиб турибман, укам. Кеча раҳматлик эримнинг қирқини ўтказувдим. Чиққаним йўқ. Бир кун чиқмаганимга шундоқ фалокат юз берибди-қўйибди. Ўзиз қаёкдан биласиз?
— Мен милицияданман, — деди капитан Алиев. — Уйингизга кирсак майлими?
— Жоним билан, укам. Овқат маҳали бўлиб қолди. Юринг, айланай.
Узилган ажриқ шохларини олиб капитан аёл кетидан юрди.
Аёл қанча қистамасин, капитан уйга кирмади, йўлакда тўхтаб, чўнтагидан Мунис Саидованинг суратини чиқарди.
— Мана шу аёлни кўрганмисиз?
— Вой, шуми ўлган? -Ҳа.
Аёл суратга диққат билан тикилди.
— Қайдам, укам, ҳеч эслолмаяпман.
— Яхшилаб ўйланг. Сочи калта қирқилган. Қора қош, қора кўз... Унинг юзида, шундай бурнининг учида холи бор, мошдек келади. Кеча қўлида оқ сумка ҳам бор эди. Банди тўқима чармдан қилинган, оқ сумка. Оқ босоножка оёғида.
— Татиринг, татиринг!.. Оқ сумка дейсизми? Сочи калта қирқилган?.. Ўтган куни кўрдимов, чамамда. Кундуз куни. Ҳа, кўрдим. Дўкондан сув ичди. Мен шундоқ дўконнинг олдини супурвотувдим... Ҳа, ўша, айланай, ўша... — аёл жонланиб кетди. — Юзида холи бор. Мошдеккина. Бирам келишган. Менга гап отди ҳам! Супуряпман, кўриб турибди. «Нега чангитасиз, хола?» дейди. Жаҳлим чиқиб кетди. «Аввало, холанг эмасман, қоқиндиқ, дедим. Кейин, кўрмаяпсанми, дедим». Индамади.
— Сув ичди. Кейин нима қилди?
— Кейинми? Татиринг, татиринг... Кейин кетди. Самар-қанд дарвозасига кириб кетди. Сумкасини шунда кўрдим. Оқ сумка, банди тўқилган. Бирам кўҳлик. Ўзига шундоқ ярашиб турувди.
— Ёнида ҳеч ким йўқмиди?
— Йўқ, ёлғиз эди. Тағин билмасам... Шунақаларни, айланай, қарамайман.
— Опа, сиздан илтимос. Аввало, мен билан гаплашганингизни ҳеч кимга айтмайсиз.
— Эсимни ебманми, укам.
— Кейин, яна бир ўйлаб кўрарсиз. Балки битта-яримта билан илгари кўргандирсиз? Ҳар ҳолда ўйлаб кўринг. Бу жуда муҳим. Бир-икки кундан кейин хабар оламиз.
— Ўзим бораман, айланай, ўзим. Капитан бошини қимирлатиб, кўчага чиқди.
«Ҳар кандай жиноят изсиз бўлмайди, — ўйларди у Хадра томон юрар экан. — Эртами, кечми, бирон белгиси топилади. Лекин қандай белги? Гап ана шунда».
Мунис Саидованинг квартираси маълум. Иш жойи маълум. Самарқанд дарвозага уни нима ёки ким бошлаб келди? Икки кун кетма-кет шу ёққа келибди. Нима бор бу ерда?
Капитан кабинетидаги оқ қоғозга хаёлан яна бир белги қўйиб қўйди. У машинага ўтирганда шофер: «Ҳозир ўликни моргга олиб кетишди», деди.
Кечга яқин марҳуманинг биографияси унга аён бўлди. 28 ёшда. Қўқонда туғилган. Отаси — Убайдулла Холиқов — хизмат кўрсатган ўқитувчи, ҳозир пенсияда. Онаси ишламайди, қандайдир артелда уруш йиллари ишлаган, атиги икки йил. Асосан, уйда. Олтмиш учинчи йили ТошДУга кирмоқчи бўлади, имтиҳондан йиқилиб, ҳужжатларини чет тиллар институтига топширади. Олтмиш саккизинчи йили институтни битиради. Бир йилча 40-мактабда французчадан дарс беради. Кейин саккиз ой «Интурист»да ишлайди. Бир йил ишламайди. Сабаби номаълум. Ўтган йилнинг сентябридан институтда француз тили кабинети бошлиғи бўлиб ишлайди.
Эри — биохимик. Ўсимликларнинг экспериментал био-логияси илмий-текшириш институтида катта илмий ходим. Химия фанлари кандидати. Асосан, пахтачилик билан шуғулланади. Янги «Тошкент-2» номли пахта сортларини етиштиришда қатнашган. Ҳозир вилтга қарши қандайдир янги препарат устида иш олиб боряпти.
— Бу институтда ким бор? — сўради капитан Султоновдан.
— Старший лейтенант Абдуллаев.
— У нима фикрда?
— Саидов катта олим ва унинг ҳозирги иши кўп мамлакатлардаги институтларни қизиқтирган, баъзиларини ҳатто ташвишга солган. Вилт фақат бизда эмас, АҚШда ҳам пахтани камайтириб юборяпти.
— Дурустсиз-ку? — жилмайди капитан.
— Тўғри келди, — мамнунлик билан жавоб қилди лейтенант.
— Хўш, кеча Саидова қаерда бўлган?
— Саидова кеча соат ўн иккиларда ишга келган, — жавоб қилди старший лейтенант Рўзиев. — Бир соатча ишда бўлган. Кейин кабинет калитини библиотекачи кампирга бериб кетган. Қаёққа кетаётганини айтмаган. Ўзи тўртгача ишлаши лозим экан. Унинг қаерда бўлгани номаълум.
— Эри-чи?
— Эри кеча еттиларгача ишда бўлган. Кейин Ўрдадаги тилла магазинига кириб узук кўрган. Учта кўзлик бриллиант узук. Магазинчидан эртагача ушлаб туришни илтимос қилиб, кетган. Магазин ёнидаги автоматдан телефон қилган.
— Кимга?
— Ҳамкасби, институтдаги лаборатория бошлиғи Ҳафиз Абдуллаевга. Ундан пул сўраган. Кейин унинг уйи олдида пулни олиб, яна изига жўнаган. Соат саккиз яримда уни бир қўлида катта қора портфель, бир қўлида торт кўтарган ҳолда уйига кириб келаётганини кўришган. Кейин эрталаб лейтенант Саидов уйига боргунча бир неча марта кўчага чиқиб келган, жуда ташвишли кўринган. Ҳа, кечаси соат тўртларда Қўқонга телефон қилиб, қайнатаси билан гап-лашган, хотини йўқлигини айтган.
— Ҳамкасби билан гаплашдингизми?
— Ҳа, унинг айтишича, эр-хотин жуда кўп уришишар экан. Кеча эрталаб ҳам у уйидан хотини билан уришиб чиққан. Ажралишга аҳд қилганини айтган. Қўшнилари ҳам уларнинг ёмон туришларини айтишди. Саидова кўпинча онасиникига, Қўқонга кетиб қолар экан. Уч-тўрт кундан кейин ё эри, ё отаси олиб келар экан. Қўшнилар онасини анча койишди. Афтидан, у хотин қизини жуда яхши кўрса керак. Албатта, ўзича. Ҳар келганида куёвидан қўшниларга шикоят қилар экан. Ҳамма гапни пулга олиб бориб тақар экан.
— Саидовнинг ойлик даромади?
— Икки юз олтмиш сўм.
— Ўзиники-чи?
— Тўқсон саккиз сўм.
— Нечта боласи бор?
— Болалари йўқ. У истамас экан. Ҳозирча. Ўттизга чиқай, кейин дер экан.
— Тилла асбоблари ўзиникими?
— Улар янги, демак, ўзиники. Лекин қайси пулга олган, номаълум.
— Ц-5 да қачондан бери туришар экан?
— Домком раисининг айтишича, бу уйни Саидовга институт олиб берган. Олтмиш тўққизинчи йили. Уй битиши билан. Илгари Саидовларникида туришган. Катта Миробод кўчаси, уй номери 33. Саидовнинг ота-онаси, бир синглиси бор. Синглиси турмуш қурмаган. Отаси Саид Муҳамедов Тўқимачилар комбинатида ишлаган. Цех бошлиғилигидан пенсияга чиққан. Онаси Ҳакима Муҳамедова 40-мактабда бошланғич синфларга дарс беради. Келинини у мактабга жойлаган. Лекин у олти ойгина ишлаган. Саидовнинг синглиси Муҳаббат ТошДУнинг филология факультетида тўртинчи курсда ўқийди.
— Анваржон, сиз ҳали Саидовнинг уйига борганингизда, кийимлари ғижим, ётмаган бўлса керак, дедингизми?
— Ҳа, Собир Алиевич, — лейтенант Султонов ўрнидан турди. — У ётмаган, бу аниқ.
— Ўтираверинг.
— У кечаси билан хотинини қидириб чиққан. Қўқонга ҳам телефон қилган.
Султонов жилмайди.
— Қайнатаси қизиқ одам экан. Келгани йўқ, агар келса, ҳайдайман, деб қизини сўкибди.
— Яхши одам экан, — деди капитан.
— Афтидан, қизини яхши билса керак. Айтгандек, уйига кирганимда буфетдаги патнис устида оғзи очилган «Плис-ки» кўрдим. Ёнида рюмка ҳам турган эди.
— Сизнинг-ча?..
— Менимча, у кечқурун уйида бўлган.
— Ҳар ҳолда ёлғиз ичмагандир? — тахмин қилди Собир Алиевич. — Ким билан ичган?
— Балки эри билан, — деди лейтенант. — Шундай бўлиши мумкин эмасми? Саидов ишдан келган. Хотини йўқ. Кутган. Ҳайрон бўлган, хавотир олган. Тўққизларда хотини келган.
— Қаердан?
— Буни аниқлаш керак.
— Хўш, кейин-чи?
— Кейин яна уришишган.
— Уришишган! — ҳайрон бўлди капитан.
— Албатта, — ишонч билан гапирди лейтенант Султонов. — Кеч келган хотин билан ким уришмайди? Бунинг устига эрталаб жанжал бўлган, Саидов ажралмоқчи бўлган ҳатто. Кейин ярашишган. Саидов узук кўриб келганини, пул топганини айтган. Хотин шод, у шод. Хурсандчиликка ичишган.
— Хўш, ундан кейин, — лейтенантнинг фаразини давом эттирди капитан, — кўчага чиқишган. Трамвайга ўтириб Чорсуга келишган.
— Пиёда боришлари ҳам мумкин, вақтлари кўп, — қўшимча қилди лейтенант.
— Шундай ҳам деб фараз қилайлик, — давом этди капитан. — Чорсуда эр... Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Улар ўзидан-ўзи Чорсуга боришмайди. Кейин Саидовнинг у билан бирга бўлганлиги бизга қоронғи. Ўлдирмоқчи бўлса нега энди Чорсуга олиб келади? Айтгандек... — капитан секретарь қизни чақирди. — Ажриқ шохларининг анализини олиб келинг. — Секретарь қиз чиқиб кетди. — Сигаретни текширдингизми?
— Ҳа. Лекин ундаги из Чорсудаги изларга ўхшамайди. Ўртоқ капитан, — лейтенант Султонов қошларини чимирди. — Саидовни сўроқ қилсак бўларди ҳозир.
— У қочиб кетмайди, — деди капитан ва гапим тўғрими, дегандек Рўзиевга қаради.
Рўзиев бошини қимирлатди.
Секретарь қиз кириб капитанга қоғоз узатди.
— Ҳмм... — ўйланиб қолди капитан. — Ажриқ худди фожиа юз берган пайтда босилган.
— Демак, улар машинада келган бўлишлари мумкин? — фараз қилди лейтенант.
— Ҳа, — тасдиқлади капитан. — Лекин бу ҳам текширувга муҳтож. Хўш, ҳозир биз нималарга эгамиз? Биринчидан, ким ўлдирганлиги маълум...
Улар узоқ ўтиришди. Кеч кириб, қоронғи тушди. Секретарь қиз уйига кетиш олдидан капитандан рухсат сўради. Алиев рухсат берди-ю, яна қатор белгилар қўйган қоғози устига эгилди.
Бир кунда улар анча нарсани аниқлашган, марҳуманинг ҳаётига оид деярли ҳамма ҳужжатларни тўплашган эди. Раҳим Саидовнинг қандай одамлиги ҳам, унинг ҳаёти ҳам, асосан, маълум эди. Лекин ҳали кўп нарса — уларнинг фожиа юз берганда бирга ё бирга эмасликлари, марҳуманинг ўлдирилиши сабаблари, қотил кимлиги ҳали қоронғи эди.
Капитан бир нарсани яхши биларди. Қотил ким бўли-шидан қатъи назар, ўз ишини усталик билан бажарган, деярли ҳеч қандай из қолдирмаган эди. Бироқ бундай бўли-ши мумкин эмас. Ундан бирор из қолган, лекин у қаерда, қандай из?
— Бундай қиламиз, — капитан ўрнидан турди. — Эртага трамвайда юрадиган чорсуликлар блан учрашиш керак. Шайхуддинова қандадир темирйўлчи, кейин тўқимачилар комбинатида ишлайдиган аёл, яна кимларнидир айтган эди. Уни топиб, шу одамларни суриштириш керак.
— Хўп, мен шуғулланаман бу билан, — деди старший лейтенант Рўзиев.
— Бўлмаса, Анваржон сиз Саидованинг ўртоқлари би-лан шуғулланинг. Қачон кўмишар экан?
— Ҳали номаълум, — деди Султонов. — Афтидан, эртага. Фақат бир нарсани билмайман.
— Хўш?
— Қаерга кўмишар экан? Ота-онаси Қўқонга олиб кетамиз, деб туриб олишлари мумкин?
— Агар шундай бўлса, Қўқонга хабар бериб қўямиз. Хўш, эртагача хайр.
Рўзиев билан лейтенант Султонов кетишди. Капитан белгилар қўйилган қоғоз устида бирпас ручкасини ўйнатиб турди-да, жойига ўтирди. У уйига телефон қилиб, хотини-га: ҳозир бораман, демоқчи эди, айниди. Бошқа номерни терди.
— Ўртоқ полковник?
— Ўртоқ полковник министр олдига кетдилар, — жавоб қилди аёл овози.
— Замира?
— Ҳа, менман. Ўртоқ капитан, сизмисиз?
— Мен.
— Аҳмад ака аризангизга қўл қўйдилар. Эрталаб кадрлар бўлимига олиб чиқиб бераман.
— Кераги йўқ.
— Вой, нега?
— Отпускам қолди. Иш чиқиб қолди.
— Аҳмад акамга айтиб қўяйми?
— Ҳожати йўқ. Эрталаб ўзим кираман.
Капитан трубкани қўйди. Шу пайт лейтенант Султонов қайтиб кирди.
— Ўртоқ капитан?
— Эшитаман!
— Сизни бир аёл сўраяпти. Зарур ишим бор, дейди.
Менга айтмади.
— Чақиринг.
Кабинетга қоровул аёл кирди.
— Ҳа, опа, келинг? — таниди капитан.
— Укам, топдим! — деди ҳовлиқиб аёл. — Уни бир-икки марта бир эркак билан кўрганман.
— Қандай эркак?
— Ўрта бўйли, ўзига ўхшаган қора қош, қора кўз. Қўлида катта қора папкаси бор.
— Манави эмасми? — лейтенант чўнтагидан Раҳим Саидовнинг эрталаб эшикни очганда олинган суратини кўрсатди.
— Ўхшаб кетади, — деди аёл иягини ушлаб. — Тағин, ким билади, қўрқаман бир нарса дейишга. Ўзини кўрганда танимасам?
— Қора портфель денг қўлида? — сўради капитан.
— Ҳа, катта қора порт... портфель...
Капитан ва Султонов бир-бирларига тикилиб қолишди.

4

Кун чиқиб, уй нурга тўлиб, исиб кетди. Раҳим Саидов эса ҳамон жойидан қимирламай ўтирарди. Қирра бурнининг иккала четидан лабларига оқиб тушган ёш ялтироқ из қолдириб, аллақачон қотиб қолган, қўлидаги чекилмаган сигарет тутаб сўнган, аммо у буни пайқамас, панжалари орасидан сиққанича, бир нуқтага тикилиб қолган эди.
Мудҳиш хабарни эшитганидан кейин икки-уч соат ўтгани учунми, у энди анча тинч, боягина бутун вужудини қоплаб олган ҳаяжон, титроқ босилган, ўзининг қаердалигини, нима учун ўтирганини аниқ ҳис қиларди. Бироқ қопдан тикилгандек ичи бўм-бўш, ҳеч нарса йиғисини, ҳеч нарса ғазабини қўзғатмасди, гўё шундай бўлишини билгандек, ҳатто қачонлардир бошидан ўтказгандек ўтирарди. Шу уй, худди шу кресло... Стол устида ҳозиргидек худди шу нарсалар — пахта гуллик чойнак, иккита пиёла, синдирилмаган яримта гижда нон... Эгнида ҳам худди шу кийими, ғижим. Ғижим трико шим, кўк вьетнамча кўйлак... Қачон шундай бўлган эди? Ҳа, эсида... доим шундай эди. Уришишдими, у нима қилишини билмай, гуноҳкор одамдек, шу креслога ўтириб бошини эгарди ва оғир хаёлларга чўмарди. Кеча эрталаб ҳам шундай бўлди. Ётоқхонадан чиқиб ювиндида, кийиниб, ошхонага ўтди, лекин ҳеч нарса егиси келмади. Кейин меҳмонхонага чиқиб, шу чойнақдан совуқ чой ичди, юқигача симирди ва бутун оғирлиги билан ўзини креслога ташлади. У Мунис чиқиб, бирор нарса дейишини кутган эди. Хотини чиқмади, ётоқхонадан унинг «пиқ-пиқ» йиғиси эшитилди. Кейин жим бўлиб қолди. Раҳим Саидов нафас олишга ҳам қўрқиб, қулоқ солди. Оёқ товушлари эшитилмади. Чидолмай:
— Мунисхон!.. — деб оҳиста чақирди. — Мен... мен кетяпман.
Уришмаган пайтлари югуриб чиқиб, «чўлп» этиб юзидан ўпадиган хотини овоз ҳам бермади.
Раҳим Саидов жўрттага оёқларини тапиллатиб эшиккача борди. Портфелини қўлига олиб бир оз турди. Йўқ, Мунисхон чиқмади. Овоз чиқариб орқасидан қарғаб қолса ҳам майли эди, тезроқ ярашишга баҳона бўларди. Кўпдан шундай бўлиб қолган эди, хотини қанчалик овозини баланд қилса, у шунчалик паст тушар, баъзан эса, миқ этмай, бошини хам қилиб тураверарди. Мунисхон баттар жаҳли чиқиб:
— Бир бало десангиз-чи! Қон қилиб юбордингиз-ку! — дерди ва йиғлаб юборарди.
Бу ярашишнинг биринчи белгиси эди. У йиғлаб ётоқхонага кириб кетгандан кейин ташаббус Раҳим Саидовнинг қўлига ўтарди. У кириб хотини ёнига ўтирар ва секин йиғидан титраб турган елкаларини силар, хотини индамагач, бўйнига лабларини кўярди.
— Мени кечиринг, Мунисхон, айб менда. Эшитяпсизми? Айб менда...
— Сиз фақат шуни биласиз, — дерди йиғи аралаш Мунисхон. — Минг марта кечиргандирман.
— Минг биринчиси ҳам бўлсин. Кечиринг...
Нам ёстиқ устида Мунисхоннинг чиройли боши қимирларди.
Шундай пайтларда Раҳим Саидов учун ундан азиз, ундан меҳрибон, ундан севикли одам йўқ эди. Шундай одамни қийнаб, йиғлатиб ўтирибди-я?! Айтганини қила қолса нима қиларди?!
Раҳим Саидов меҳр билан хотинини бағрига босар, юз-кўзидан ўпарди. Мунисхон бирдан ўзгарарди, бир зумда очилиб, ҳуснига ҳусн қўшилиб кетарди. Енгил бир ҳаракат билан тўзғиган сочларини орқага ташлаб, ҳозиргина тўйиб уйқудан турган одамдек, эрига кўзлари тўла табассум билан тикиларди...
Энди у йўқ. Юраги муз бўлиб ўтирган Раҳим Саидов буни аниқ ҳис қиларди. Лекин нега, ким уни ўлдирди? Шу саволлар миясида айланар экан, у бир нарсага ҳамон тушунмасди. Мунисхон нега кечқурун Чорсуга борди? У ерда нима қилди? Бунга у жавоб тополмади. У энди ёлғиз, умрбод ёлғиз. У шундай ўйлади-ю, яна томоғига бир нарса келиб тиқилди.
— Мунис, Мунис, нима қилиб қўйдинг?.. Мен айбдорман, мен!.. Агар уришмаганимизда у тирик бўларди. Яна бирга бўлардик...
У овоз чиқариб гапира бошлаганини сезиб қолди-ю, чўчиб кетди. Аланглаб атрофига қаради. Ҳеч ким йўқ. Ёлғиз ўзи уйда. Нима қилиш керак?
У ўрнидан турди, қаёққа боришини билмай хона ўртасида бир оз турди-да, ётоқхонага кирди. Ўрни йиғилмаган, тошойна олдидаги курсида Мунисхоннинг ички кўйлаги ётарди. У шу кўйлакка тикилиб қолди. Кўйлак орасидан Мунисхон чиқиб келаётгандек бўлди бир маҳал. У орқасига тисарилди, тошойнада соқоллари ўсган, ранги қув ўчиб, кўкариб кетган ўзининг башарасини кўрди-ю, бу хаёл эканини тушунди. Кўйлакни олиб, каравот зихига ўтирди. Назарида уйни Мунисхоннинг ёқимли ҳиди қоплаб кетгандек бўлди, лаблари нималарнидир шивирлаб, кўзларига ўз-ўзидан ёш келди. У сесканиб ўрнидан турди, кўйлакни ёстиқ остига қўйиб, ўринни йиғиштирди. Ётоқхонадан чиқаётиб, яна бир марта ҳамма ёққа разм солди, ортиқча ҳеч нарса кўзига кўринмади. Кейин негадир ошхонага ўтди. Буфетнинг устида оғзи очиқ «Плиски» турарди. Ўтган куни Ҳафиз келганда очишган эди. Битта Ҳафизнинг ўзи ичди ўшанда. Рюмкаси ҳам шундай патнис устида турибди. У шу рюмкага тўлатиб коньяк қуйди-да, зарб билан ичди. Ҳеч нарса сезмади, ҳатто ҳеч нарса егиси ҳам келмади. Яна қуяётганда телефон жиринглаб қолди.
— Раҳимжон? Сенмисан?
Раҳим Саидов таниди. Ҳамкасби Ҳафиз Абдуллаев эди.
— Нега ишга келмаяпсан? Тинчликми?
— Мунис... Мунис йўқ, — деди зўрға бўғилиб Раҳим Саидов. — Уни кеча ўлдириб кетишибди.
— Нима?! Эсинг жойидами ўзи? Нима деяпсан?
— Рост, Мунис энди йўқ.
Трубка жимиб қолди. Қандайдир ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилди.
— Мен ҳозир бораман! — қичқирди кейин Ҳафиз ва трубкани илди.
Раҳим Саидов бўшашиб, телефон ёнидаги стулга ўтирди. Чиндан ҳам эси жойидамикан унинг? Ёлғон бўлса-чи? Кечаси билан кўчаларда санғигани, милиционернинг келгани, мана ҳозир шундай, ғуссага тўлиб ўтиргани туш бўлса-чи?
У сапчиб ўрнидан турди.
— Мунис!
Мунис йўқ эди, ошхонада ҳам, ётоқхонада ҳам. Тошойна олдидаги курсича ёнида унинг ялтироқ шиппаклари ётарди. Ўзи йўқ.
Эшик тақиллади. Почта.
— Телеграмма! — қичқирди эшик орқасидан кимдир. Раҳим Саидов эшикни очди. «Вылетаем двух часовим рейсом» — дейилган эди телеграммада. Бу қайнатаси. У беихтиёр соатига қаради. Соат стрелкаси саккизни кўрсатарди. Қулоғига тутди. Ётиб қолибди. Ошхонадаги осма соатни кўрди. Ўн иккидан ўнта ўтибди. Улар келишига ҳали уч соат бор. Юклари бўлса, яна бир соат кетади. Юксиз бўлишса керак бу гал. Убайдулла ака учун хотинининг ўзи катта юк. Бечоранинг юраги чиқиб кетгандир? У майли, келгани қайтанга яхши. Далда бўлади. Ая билан гаплашиш қийин. У албатта, куёвини айблайди. Негадир у куёвини ёқтирмайди. Раҳим Саидов ҳам шундай. Сергап, тамагир, пул деса ўзини томдан ташлайдиган бу хотинни кўрди, энсаси қотаверади. Унинг учун қизидан бошқа ҳамма ёмон, хунук, аҳмоқ. Дунёдаги одамга берилган жамики яхши фазилатлар гўё қизида мужассамлашган. Унга тушунтириш қийин бўлади. Яхшиям милициядан телефон қилишди. У айтолмасди. Айтиб улгургунча ая миясини қоқиб қўлига берарди.
Ҳафиз келди. Раҳим Саидов ўпкаси тўлиб унга қаради, лекин йиғи келмади.
— Нима бўлди? — ҳовлиқиб сўради Ҳафиз.
— Шу, кеча келсам уйда йўқ. Кечаси билан қидириб чиқдим. Эрталаб милициядан келиб айтишди.
— Нима бўлибди?
— Чорсуда ўлигини топишибди... Чорсуга нега борган? Ҳеч нарсани билмайман.
— Қаерда эмиш?
— Ҳозир ТошМИга олиб келишади.
— Ҳеч кимга айтдингми?
— Йўқ.
— Айтиш керак. Ўзингни қўлга ол. Қариндошларингни сана, мен айтиб чиқаман.
— Бошим ғувиллаб кетяпти...
— Тушунаман, оғир... — Ҳафиз унинг елкасига қўлини қўйди. — Ёмон бўлибди. Кимлар... шу ишни қилибди?
— Билмайман. Аммо билсам ҳам соғ қўймайман...
— Бўлди, дўстим, ўзингни бос. Милиция топади. Қотил тегишли жазосини олади.
— Узук девди... Катта ёқут кўзли узук... — хаёлчан гапирди Раҳим Саидов. — Унақасини тополмадим. Анчадан бери йўқ экан. Лекин мен кўрган узук ҳам жуда чиройли экан. Устида кичкина-кичкина кўзи бор. Бриллиант кўзлар... Энди кераги йўқ...
— Бўлди, Раҳимжон, ўзингни қийнама. Ичасанми? Ҳафиз ошхонага кириб, коньяк ва иккита рюмка олиб келди.
— Ма, шуни ичиб ол. Яхши бўлади.
Раҳим Саидов қаршилик қилмади. Ҳафизнинг ўзи ҳам ичди.
— Уйингдагиларга қачон айтасан? Қўқонга-чи? Раҳим Саидов телеграммани кўрсатди:
— Уйга ҳали бораман. Ҳозир ТошМИга бораман. Борасанми?
— Бўлмаса-чи!
— Йўқ, ТошМига ўзим бораман. Сен шу ерда қол. Нима қилсанг, шуни қил. Биласан нима қилишни.
— Пастда машина бор, — деди Ҳафиз. — Сулаймон ака берди. Таъзия билдирди.
Раҳим Саидовнинг бу биринчи эшитган таъзияси эди. Яна қанча эшитади?..
— Мунис, Мунис... нима қилиб кетдинг?
У пастга тушди. Кун тиккага келган, кўча ёнарди. Одам кўп, ҳамма ўз иши билан овора. Ҳеч ким унга қарагани ҳам йўқ, дардини суриштиргани ҳам йўқ... Ҳеч ким унинг ҳозир юрагида нималар бўлаётганини, энг яқин, суюкли одамидан ҳозир жудо бўлиб турганини билмайди. Ҳатто унинг кимлигини, нима учун яшаётганини ҳам билмайди. Ҳаёт шундай. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора, ўзининг ташвиши бор...
Раҳим Саидов институтнинг кўк «Волга»сини дарров таниди. Машинага яқинлашаётганда шофер йигит туриб келиб тирсакларидан ушлади.
— Бандалик, Раҳимжон ака!..
Раҳим Саидов нима жавоб қилишини билмай, тутилиб қолди. Шофер буни сезиб, хижолатликдан қутқарди.
— Қаёққа боравуз?
— ТошМИга.
— Бу кўргилик сизга қаёкдан ёпишди-я, ака-я!.. Шофер чаққонлик билан Раҳим Саидовнинг эшигини ёпиб, жойига ўтирди ва стартерни босди. Машина ғизиллаб катта кўчага чиқди.
ТошМИ дарвозаси олдида қоровул уларни тўхтатди.
— Пропуск!
— Хотинимни олиб кетгани келдим, — деди Раҳим Саидов.
— Хотинингиз қаерда?
— Хотиним... Хотиним моргда...
— Бандалик, ука... киринглар...
Шофер билар экан, касалхонанинг орқасидаги цистер-нага ўхшаган думалоқ, кўримсиз ғишт бино олдида тўх-тади.
— Келдик, — деди у ва машинадан тушиб, Раҳим Саи-довнинг эшигини очди.
Улар олдинма-кейин моргга киришганда, муздек зах ҳаво димоғларига «гуп» этиб урилди. Эшик олдида қора халат кийган сап-сариқ, ориқ мўйсафид уларга орқа ўгириб, овқатланиб ўтирарди.
— Мумкинми? — сўради Раҳим Саидов.
Мўйсафид шошмасдан ўгирилди. Раҳим Саидовнинг кўзи клеёнка солинган стол устидаги нон тўғралган бир товоқ аччиқ-чучукка тушди. Беихтиёр ўхчиқ келиб, кўнгли ағда-рилди. Зўрға ўзини тутиб олиб, чолга мурожаат қилди:
— Хотиним... Хотинимни кўрсам бўладими?
— Ким у? — соқол-мўйлабини рўмолча билан артиб, чол ўрнидан турди.
— Мунис... Мунис Саидова. Бугун олиб келишган бўлишлари керак.
— Э, чавақланган жувонми? — сўради чол.
Раҳим Саидовнинг жаҳли чиқиб кетди, тишини тишига қўйиб, бошини қимирлатди.
— Ана, тўрдаги столда. Раҳматлик ёш кетибди-да... Раҳим Саидов тўрдаги узун столга қаради. Хотинининг устига оппоқ чойшаб тортилган, юз-кўзини кўриб бўлмасди.
— Кўрсам бўладими?
— Ҳа... агар... чўчимасангиз.
Чолнинг бу гапи далда берди. У стол ёнига бориб, чойшабни оҳиста кўтарди. Мунисхон уйқуда ётгандек тинч ётарди. Юмуқ кўзлари остидаги узун киприклари бир-бирига чирмашиб кетган, битта узун соч толаси оппоқ пешанаси, бурни устидан тушиб, билинар-билинмас кўкара бошлаган лабларига тегиб турарди. Унга ҳеч нарса бўлмагандек эди... Фақат чаккаси ёнғокдек қорайган, ундан чиққан битта қора чизиқ кўзига туташган.
Раҳим Саидов титроқ қўллари билан соч толасини юз-кўзи аралаш сидириб, кичкина ёстиқча билан битта бўлиб ётган сочларига секин қўшиб қўйди, ичидан бўғилиб йиғи келди.
— Мунис, азизим... — деб юборди хирилдоқ овоз билан у ва хотинининг боши узра эгилди.
Мунисхоннинг оёқ томонида турган шофер йигит ўзини тутиб туролмади, кўзига ёш олди.
— Раҳимжон ака, бўлди, ўзингизни эзманг...
— Қўявер, ўғлим... — деди чол унга. — Кўриб олсин. Одамнинг ҳаёти шу. Кеча бор, бугун йўқ. Кўриб олсин.
Анчадан сўнг у Раҳим Саидовнинг олдига келиб, Мунисхоннинг юзини беркитди. Раҳим Саидов қаршилик кўрсатмади. Кафтлари билан кўзларини артар экан, сўради:
— Машина топиладими, ота?
— Олиб кетмоқчимисиз ҳозир?
— Ҳа.
— Қачон кўмасизлар?
— Билмадим.
Раҳим Саидов буни ўйламаган эди. Чиндан ҳам қачон кўмади? Буни уйдагилар билан маслаҳатлашиш керак эди. Ҳафизни олиб келса бўлар экан. У биларди.
Унинг ўйланиб қолганини кўриб, чол маслаҳат берди:
— Ҳойнаҳой эртага кўмарсизлар. Бугун тегманглар. Иссикда нима қиласизлар қийнаб! Тинч ётибди шу ерда. Эртага олиб кетинглар.
Шофёр ҳам унинг гапини маъқуллади. Раҳим Саидовга бу қанчалик оғир ботмасин, у Мунисхоннинг шу ерда тун бўйи ёлғиз қолишини истамас эди, рози бўлди. Чўнтагига қўл солган эди, бир даста пул чиқди. Қаердан келди бу пуллар? Ҳа, кеча Ҳафиздан олган эди. Мунисга узук олиб бермоқчи эди... У битта қоғоз пулни чолга узатди.
— Қараб туринг...
Чол пулни рад қилар экан, кўлларини фотиҳага ёзди.
— Омин, жойи жаннатда бўлсин. Оллоҳу акбар! Раҳим Саидов беихтиёр юзига қўлларини суртиб, ташқарига чиқди.
Улар эски ҳовлига келишганда кун пешин бўлган эди. Эшикдан киришлари билан катта кул ранг ит вовиллагани-ча, лапанглаб улар қаршисига кела бошлади. Шофер йигит чўчиб, ўзини эшик орқасига олаётган эди, Раҳим Саидов тўхтатди.
— Қўрқманг. Ташланмайди. Кўктой! Жим бўл, Кўктой! Ит таниб, Раҳим Саидовнинг оёғини ялади ва эркаланиб, думини ликиллатди.
— Юраверинг.
Улар катта ҳовли ўртасидаги сўри тагига келишди. Чорси супа устига намат ташланган. Атрофида кўрпачалар ёзиғ-лиқ эди.
— Ўтириб туринг.
Раҳим Саидов ҳовлининг тўридаги деразалари ланг очиқ уйлар томон кетди.
— Ойи!
Ҳеч ким жавоб бермади.
Раҳим Саидов ўртадаги олди очиқ айвонга кўтарилиб, уйларни қараб чиқци.
Ҳеч ким йўқ эди. У кутишга қарор қилиб, сўри тагига қайтди.
— Қўшниларникига чиқишган бўлишса керак.
У шофернинг ёнига ўтирди. Кўктой оёғи остига чўкка-лаб тилини осилтирди.
— Шу ерда туғилганман...
Раҳим Саидов бу гапни ўзига айтдими, шофер йигитгами — билмасди. У доим шу ҳовлига келганида юрагида ҳам қувонч, ҳам фақат ўзигина пайқаб оладиган оғриқ сезарди. Ўттиз йил шу уйда яшади. Ундаги ҳар бир эшик, ҳар бир дераза, ҳовлининг бурчагига омонатгина солинган ҳужрадаги эски-туски нарсалар, ҳар бир дарахт унга таниш эди. Мана шу олдида унга термилиб ўтирган ит ҳам худди унинг сингари шу ҳовлида туғилган. Раҳим Саидов уни мушук боласидек кичкина, ҳали кўзини очмаган вақтидан бери билади. Унинг онасини ҳам, отасини ҳам билади. Маҳалланинг ярмида уларнинг итлари. Олапар, Тўрткўз, Шарик... Кўктой унга ёқиб қолган эди. Катта саватга солиб, саккизта кучук болани қўшниларга тарқатиб чиқди. Шу кўкимтирини олиб қолди. Шунга ҳам анча бўлди. Институтда ўқирди ўшанда. Сут бериб бокди. Ойиси унга атаб олиб қўйган овқатдан берди. Мана энди у қарибди. Кўзлари ёшланадиган бўлиб қолибди. Негадир Мунисхон уни ёқтирмасди. «Ўлсин, тасқара», дерди. Кўктой ҳам уни кўриши билан думини қисиб, ҳужра ёнидаги уясига кириб кетарди. Афтидан, урган бўлса керак. Мунисхон ўзи, умуман, ҳайвонларни ёмон кўрарди. Мушук деса капалаги учиб кетарди. Кўчиб кетишаётган куни, худди хунук бир иш содир бўлганини сезгандек, Кўктой жуда кўп ғингшиди, вовиллади. Раҳим Саидов юкларни ҳар сафар машинага ортиб кетаётганида, муюлишгача вовиллаб борди. Охирги марта келишганда, у яқин келмади. Олисдан бир-икки вовиллаб уясига кириб кетганича, улар қайтаётганда чиқди ва Раҳим Саидовнинг олдига келиб, туфлисининг учини ялади.
Мунисхон тиқилинч қилмаганда улар кўчиб кетишмасди. Раҳим Саидов ўз уйини яхши кўрар, унда ўзини тинч ва беташвиш ҳис қиларди. У шунча ёшга кириб, мустақил ҳаёт кечиришга қурби етадиган бўлганига қарамай, онаси учун барибир бола эканлигини биларди. Ҳар куни, ишга кетаётганида ҳам, ишдан қайтганида ҳам Ҳакима опа буни ўзи сезмаган ҳолда, эсига солиб турарди. Лекин Мунисхон билан улар келишишмади. Бу келишмовчилик бирдан, тўйнинг эртасидан бошланди. Раҳим Саидов ўша куни нима бўлганини, ким биринчи кимга ёқмаганлигини, ким хато қилиб қўйганини ҳалигача билмайди. Улар эса — на она, на хотин бундай аниқроқ қилиб айтиб беришмади.
Ҳакима опа катта қийинчиликлар кўрган, шунинг учун ҳам ўз фарзандларини эркалатмасдан, ҳар бир буюм, ҳар бир кийимнинг қадрига етадиган қилиб ўстирган эди. Мунисхон бунинг акси. У эрка, ҳаётга анчайин енгил қарайдиган, эртага нима бўлиши билан унча қизиқмайдиган одам эди. Ким билади, балки шу асосий сабабдир, уларнинг келишмаганига? Ҳар ҳолда, тўйнинг эртасигаёқ Мунисхонга шаҳарнинг деярли марказида катта бинолар панасида қолиб кетган ҳовли ҳам, янги келин-куёвга атаб солинган икки хоналик уй ҳам ёқмай бошлаган эди. Ҳакима опа ҳам унинг бирон нарсасини, гарчи улар мақтовга арзийдиган буюмлар бўлмаса ҳам, бирон ҳаракати, ё гапини киноясиз тилга олмайдиган бўлиб қолди. Лекин қудаларини яхши кўрар, улар келса ўтқизгани жой тополмай қолар эди. Анчагина босиқ, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган тажрибали аёл бўлганидан, бунинг устига ўғлини яхши кўрганлигидан бирон марта келинидан шикоят қилгани йўқ. Шунинг учунми, Раҳим Саидов айбни кўпроқ хотинига қўярди ва ота-онаси олдида уни мақтаб гапиролмасди, уяларди. Мунисхон бўлса баттар жаҳли чиқар, аяси келганда зорланиб йиғларди:
— Мен бегонаман буларга! Раҳимжон акам ҳам мени яккалаб қўйганлар. Ё олиб кетинг, ё уйимизни бошқа қилиб беринг!
Икки йил ўтгач, ҳаммасини зимдан кузатиб юрган ва ўзича эзилган Саид ака ўғлини ёнига чақирди. Қайнана-келин ҳақида гапиргани йўқ.
— Ўғлим, — деди. — Алоҳида туриб кўрмайсизми? Биз қариб қолдик. Кейин қийналиб қолманглар.
Раҳим Саидов отасини яхши тушунди ва ич-ичида ундан миннатдор бўлди.
Ҳакима опа эса, бир ҳафтагача у билан гаплашмади.
Янги уйга кўчиб кетган бўлсалар ҳам, Мунисхон тўла мустақилликка эришган бўлса ҳам, қайнана ва келин муносабати ўзгармади. Мунисхон ҳар сафар қайнанаси келиб-кетганда, ё уларнинг ўзи эски ҳовлига бориб келишганда керосин сепилган ўтиндек, бир неча кун асаблари таранг бўларди. Шундай пайтда арзимаган гап гугуртдек уни пов этиб ёндириб юборарди. Раҳим Саидов уни ўчиришдан янги диссертация ёқлашни осон, деб биларди.
Мана энди «совуқ уришлар» ўз-ўзидан йўқолди. Раҳим Саидов шундай ўйлаб онасидан ранжиди. Нима қиларди уни хафа қилиб? Дунёда камдан-кам келин қайнанага маъқул келади. Мунис ҳам ўшалардан бири эди.
Кўктой бир-икки вовиллаб, кўча томон югуриб кетди. Кўп ўтмай, эшикда оғир сумка кўтарган Ҳакима опа пайдо бўлди.
— Бунча жилпанглайсан, Кўктой, ким келди?.. Раҳим Саидов ўрнидан туриб, онаси қаршисига юрди.
— Раҳимжон? Вой, боламдан айланай!.. — Ҳакима опа сумкани ерга қўйиб, қучоғини очди. — Қачон келдинг? Кўзларим тўрт бўлиб ўтирувдим ўзим. Эсонмисан, омонмисан? Келинпошша қалай? Кеча бирров бориб келай десам, даданг уришиб берди. Дадангни феълини биласанку!..
— Борсангиз бўлар экан, — деди Раҳим Саидов онасига тик қарай олмай.
— Ҳа, яна...
— Йўқ. Мунисдан ажраб қолдик...
— Нима бўлди? Нима деганинг, болам? Тузукроқ гапир!
— Мунис... Мунисни кеча ўлдириб кетишибди...
— Вой шўрим!.. Вой менинг шўр пешанам! Нега ўлдиришди? Кимнинг қасди бор экан унда?
— Билмадим. Ҳозир ТошМИдан келаётганим. У... У... ўшатда.
— Вой шўрим!.. Вой бечора қиз!..
Ҳакима опа яна нималардир деди, йиғлади, ўғлини юпатган бўлди.
— Дадам қанилар? — сўради гап орасида Раҳим Саидов.
— Ҳозир келадилар. Путёвка беришган экан комбинатдан. Шунга кетувдилар. Қатда ўлдиришибди?
— Чорсуда...
Раҳим Саидов билганларини гапириб берди.
— Қудаларга хабар бердингми?
— Ҳа. Учларга келишади.
— Мен ҳам ҳозир бора қолай бўлмасам! Аввал чой қўяй сизларга. Вой болам, вой болагинам-эй, шу ташвиш ҳам бормиди сенга?!
Ҳакима опа ўчоқбошига кетди. У ердан ҳам унинг нималардир деяётгани, дам тиниб, дам йиғлаётгани билиниб турарди.
Раҳим Саидов унинг чиндан қайғураётганини кўриб, анча енгил тортди. Одамлар бегонага йиғлашади, бу ахир келини-ку? Лекин ҳозир бу ҳакда ўйлашга унинг на имкони, на хоҳиши бор эди. Онаси тўғри айтди, шу ташвиш ҳам бормиди унга? Онаси ташвиш деганда унинг азобларини тушунди, унга ачинди. Раҳим Саидовнинг ўзи эса ҳеч қандай ташвишни хаёлига келтиргани йўқ. Қаёққа қарамасин, кўзини очса ҳам, юмса ҳам олдида Мунисхон пайдо бўларди. Бечора қандай азоб чеккан экан? Додлагандир? Уни чақиргандир? Раҳим Саидов унга ачинарди. Одам қўлига игна кирса қандай оғриқни сезади. Уни эса уришган, пичоқ санчишган...
— Мунис, азизим...
Раҳим Саидовнинг вужуди титраб, кўзига ёш қуйилди.
— Раҳимжон ака... — унинг тирсагини ушлади шофер йигит.
— Ҳа, ҳа фойдасиз, — рози бўлди у. Чойнак кўтариб, Ҳакима опа келди.
— Мана болам, манавини ичиб тур. Рангингда ранг қолмабди... Ер юткурлар, ер юткурлар! Келинимнинг ёш жони кимга керак экан?.. Айланай, олинг, сиз ҳам ичинг.
Улар энди бир пиёладан аччиқ чой ичишган эди, ҳассага таянган Саид ака келди. Уни кўриши билан Ҳакима опа додлаб қаршисига югурди.
— Дадаси! Шўримиз қурибди! Шўримиз қурибди! Мунисхондан ажралиб қопмиз!
Саид аканинг қўлидан ҳассаси тушиб кетди.
— Нима деяпсан ўзи? Бўкирмасдан гапир!
— Мунисхонни кеча ўлдириб кетишибди!.. Вой шўр пешанам! У ўлгандан кўра, мен ўлсам бўлмасмиди?!
— Бор, уйга кир! — Жеркиб берди Саид ака. — Раҳимжон?! Нима бўлди?
Раҳимжон воқеани яна бир бошидан отасига айтиб берди. Саид ака бошини хам қилиб, анчагача жим ўтирди. Охири ўғлига ўгирилди.
— Қўқонга хабар бердингми?
— Ҳа, ҳозир иккидаги рейсда келишади.
Раҳим Саидов соатига қаради. Иккидан чорак ўтибди.
— Ҳозир келиб қолишади.
— Машина сеникими? -Ҳа.
— Кетдик бўлмаса. Уйингда гаплашамиз. Ҳакима! Кўзлари шишган Ҳакима опа айвондан тушди.
— Бўл, қудалар келишади. Борайлик.
— Тайёрман. Путёвкангиз нима бўлди? Саид ака ўқрайиб хотинига қаради.
— Дард бўлди.
Ҳакима опа индамади. У шундай пайтда қандайдир путёвкани суриштириб, хато қилганини сезган эди. Шу биттагина саволдан унинг келинига чин муносабати билиниб қолди. Раҳим Саидов пешанасидан совуқ тер чиқиб, оғир «уҳ» тортди. Мана одамнинг қадри, хаёлидан ўтди унинг ва бир дақиқа ўзини Мунисхоннинг ўрнида тасаввур қилиб кўрди... У моргда ётибди... Қайнанаси тепасида аччиқ-чучук еб ўтирибди. Ҳеч ким йиғлаётгани йўқ. Онаси шошиб-пишиб нималарнидир қиляпти. Иш орасида «вой болам»лаб қўяди. Фақат Саид ака ғам-ғуссага тўла. У ўғлининг оёғида ҳассасига қўлларини тираб хомуш турибди. Иккала кўзи жиққа ёш...
Раҳим Саидов отасининг йиғлаганини сира кўрмаган эди. Умуман, Саид аканинг кўп одатлари унинг ҳавасини келтирарди. Камгап, бир сўзли, бекор ўтирса чарчайди. Пенсияга чиққанидан кейин ҳам комбинатдан ўзига қандайдир иш топган эди. У бир марта ҳам ўғлини уриш у ёкда турсин, уришмаган ҳам. У жуда қаттиқ хафа бўлганда «сизлашиб» гапирарди. Лекин ҳеч ким унинг ана шундай муомаласига дош беролмас эди. У бир марта ўғли билан ҳам шундай гаплашган. Анча бўлди унга. Ўнинчи синфга энди ўтган эди. Ўшанда маҳаллага бир полковник кўчиб келди. Унинг Раҳим тенги ўғли ва ундан бир ёш кичик қизи бор эди. Оти — Света. Жуда ғалати қиз эди у. Доим кулиб турарди. Раҳим улар билан ўртоқ бўлиб, Светани яхши кўриб қолди. Бўш қолди уларникига югуради. Уйдагиларни хавотир олдириб, кеч қайтади. Бу ҳам майли, ўқиши ёмонлашиб кетди. Биринчи чоракда бир-иккита уч баҳо пайдо бўлиб қолди. Ваҳоланки, у яхши ўқир эди. Мактаб дирекцияси уч-тўртта аълочилар қаторида уни ҳам олтин медалга мўлжаллаган эди.
Бир куни у Светаларникидан қайтаётганда, уйларидан директор чиқиб кетаётганини кўриб қолди. Дарров ўзини панага олиб, анчагача унинг кетидан қараб турди. Нега келди экан? У тахминан биларди, лекин иккита «уч» учун директорнинг ўзи уйга келишига ишонмас эди.
Ўша куни Саид ака у билан гаплашмади. Раҳим кечаси билан алаҳсираб чиқди, ёмон ухлади. Эрталаб нонушта пайтида отаси гап қотди:
— Ўғлим, катта бўлиб қолибсизми?
Раҳим тушунмади. Кўзларини пирпиратиб, дам отасига, дам онасига қаради.
— Нима эди?
— Қизлар билан подручка қилиб юрармишсиз? Раҳим қулоқлари қизариб кетганини сезди.
— Унақа бўлса, уйлантириб қўя қолайлик. Ўқишни ташланг... Нима дейсан, Ҳакима?
Раҳимнинг еб турган нони оғзида қолди, ютолмади.
— Унақа деманг, дадаси, — кулиб жавоб қилди Ҳакима опа. — Раҳимжон ҳали ёш. Ҳали мактабни битиради медалга, институт бор. Ундан кейин бир гап бўлар...
— Шундоқми? Сиздан сўраяпман? Раҳим зўрға бошини қимирлатди.
— Эшитмадим, бир нарса дедингизми? Раҳим оғзидаги нонини кафтига ташлаб:
— Ҳа, — деди.
— Баракалла.
У ўша куни уйдан қандай чиқиб кетганини билмайди. Боши ғувиллаб оғрир, юраги ҳозиргина кроссдан қайтган одамникидек гупиллаб урарди. У бир неча кун отасига кўринмай юрди. Отаси ишдан келмасдан ўз хонасига кириб кетади, у турмасдан қочади. Директорга ҳам бир неча кун кўриниш бермай юрди. Светаларникига ҳам бормади. Аммо уни тушларида кўриб чиқди. Шундан бир ҳафта ўтар-ўтмас, кутилмаган воқеа юз берди. Раҳим мактабдан қайтаётганида Миробод бозори оғзида Светанинг акасини кўриб қолди.
— Ҳа, кўринмай кетдинг? — сўради у. Раҳим қизариб кетди.
— Иш кўп. Улгурмаяпман, — алдади у бошини кўтар-май.
— Биз кетяпмиз...
— Қаёққа? — чўчиб сўради Раҳим.
— Дадамни янги ишга ўтказишди. Олмаотага кетяпмиз.
— Ўқишинг... Ўқишларинг нима бўлади? — нима дейишини билмай бўшашиб сўради Раҳим.
— Ўша ерда ўқиймиз. У ерда ҳам мактаблар кўп. Кел, эртага жўнаймиз.
Раҳим уялдими, ё хайрлашиш оғир туюлдими, кузатгани бормади.
Бир ойдан сўнг катта конвертга солинган хат олди. Унга «Раҳим Саидову лично», деб ёзилган эди. Ҳайтовур почтальон қиз унинг қўлига берди хатни. Бу хат эмас эди. Светанинг катта фотосурати эди. Белигача олинган бу суратда Света мактаб формасида эди. Бўйнида оқ атиргулни эслатувчи бант. Тўлқин-тўлқин қилиб таралган сариқ сочи қулоқларини беркитиб турибди. Узунчоқ, ориқ юзида енгил табассум... Кўм-кўк кўзлари ўйчан... Яқин-яқингача суратни у китобнинг орасидан бу китобнинг орасига солиб яшириб юрди. Яқинда йўқолди. Ким билади, Мунисхон рашк қилиб, унга билдирмай йиртиб ташладими?!
Ўша йили у мактабни кумуш медаль билан битирди. Битта иншо тўрт бўлиб қолди. Уйдагилар хурсанд эди, аммо бу хурсандчилик унга татимади. У нимасинидир йўқотган одамдек хаёли паришон эди. Адреси бўлса ҳам Светага хат ёзмади. Лекин уни кўп ўйлади. Охири чидолмай, Ҳафизга яхши кўришини айтди. Ҳафиз хат ёзишни маслаҳат берди. Ҳатто ўзи ёзиб ҳам берди. У адабиётдан Раҳимжонга қараганда дуруст, хати ҳам чиройлироқ эди. Лекин хат, умуман, маъқул бўлса ҳам жўнатилмади. Отасининг гаплари қаттиқ таъсир қилдими, ё Светанинг олисда бўлганлиги сабаб бўлдими — буни Раҳим Саидовнинг ўзи ҳам ҳозиргача билмайди. Лекин кўпинча Светани эслайди, баъзан у билан бирга бўлиб кетганида ҳаёти қандай бўлишини тасаввур қилиб кўради, юрагини кимдир чимчилагандек бўлади... Қизиғи шундаки, Светани у кўпинча отасини кўрганда эслайди. Ҳар эслаганда беихтиёр қулоқлари қизариб кетаётганини сезади...
Ана шунда, Саид аканинг бир марта сизсираб гапиргани унга жуда қимматга тушган эди. Шунга қарамай, у онасидан кўра отасини кўпроқ яхши кўрарди. Саид аканинг йиғиси ҳам рост, кулгиси ҳам рост одам эди.
Улар Раҳим Саидовларнинг уйига етиб қолишганида, кўчанинг икки бети машиналарга тўлиб кетган эди.
— Кўпчилиги академияники, — деди қандайдир ғурур билан шофер йигит.
Раҳим Саидов ҳайрон қолди. Булар қаердан келди? Ким айтди уларни? Наҳотки шунча таниши бўлса? Суриштиришга қуввати йўқ эди. Саид аканинг кетидан уйи томон йўл олди.
Подъездга киришлари билан қандайдир аёлларнинг йиғи товушлари эшитилди ва бирдан орқасида онасининг шу пайтгача у билмаган ҳазин куйга ўхшаган овози юрагини эзиб юборди.
— Вой болем! Вой ёлғизим болем! Не кунларга солдинг мани, қўзичоғим болем!
Беихтиёр у тўлқинланиб йиғлаб юборди.
— Дадил бўл, ўғлим!..
У тирсагида отасининг қўлини сезди ва ёнига қаради. Саид аканинг кўзларида ёш милтилларди. Тепадаги йиғи товушлари тинди. Онасининг тиниқ, ҳар бир сўзни доналаб айтаётган мунгли овози бутун уйни ларзага сола бошлади. Улар олдинма-кейин тўртинчи қаватга чиқишганда, Раҳим Саидов зинанинг икки томонида қора кийиниб, қўлларини қовуштириб турган аёлларни кўрди. Баъзиларини таниди. Қўшнилари. Баъзиларини танимади. Улар кўпчилик эди. Саид ака тўхтаб, хотинини олдинга ўтқазди.
Ҳакима опа рўпарасида турган биринчи аёлнинг елкаларига қўл ташлаб, яна юракни ларзага солувчи йиғини бошлаб юборди.
— Вой, болем! Вой, арзандам болем! Бевақт хазон бўлган болем, нуридийдам, болем!..
Ҳамма ёқни йиғи тутиб кетди. Раҳим Саидов чидолмай юқорига отилди. Эшик олдида терга ботган Ҳафизга дуч келди.
— Келдингми? Энди хавотир олиб турувдим. Сулаймон акалар шу ерда! Мен кетдим.
— Қаёққа? — кўзларини артиб сўради Раҳим Саидов.
— Аэропортга. Қайнаталарингни кутиб олиш керак. Бу ерда ҳаммаси жойида.
Раҳим Саидов тўлқинланиб кетди. Шунча ғамхўрлари борлигини у хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ичкарига кирди. Уй тўла одам эди.
— Бандалик, Раҳимжон, ука, — тўрда ўтирган Сулаймон ака ўрнидан турди. — Фалокат оёқ остидан чиқади, деб шуни айтадилар.
У одамлар олдидан ўтиб, қўлини узатди. Бошқалар ҳам ўринларидан қўзғалиб, унга таъзия билдиришди. Кимдир фотиҳага қўл ёзди.
— Омин! Фалокат иккинчи бу уйга қадам қўймасин. Оллоҳу акбар!
Раҳим Саидов қўлларини юзига суртаётиб, ҳамманинг дастурхон атрофида ўтирганини кўрди. Ким ташкил қилди буларни? Қачон? Унинг ақли бовар қилмасди. Шу топ кимдир унинг олдига ярим коса мастава олиб келиб қўйди. Раҳмат, деб Раҳим Саидов косани суриб қўйган эди, Сулаймон ака уришиб берди.
— Олинг, ука! Бунақада ётиб қоласиз. Бир-икки қошиқ ичинг.
Раҳим Саидов ўзини мажбур қилиб, уч-тўрт қошиқ ичди. Бошқа ўтмади.
— Отангиз қанилар? — сўради Сулаймон ака. Раҳим Саидов учун кимдир жавоб берди.
— У киши қўшни хонадалар. Қариялар билан.
— Мен сўрашиб келай.
Сулаймон ака ўрнидан турди. Одамлар унга йўл бериб, жойларидан қўзғалишди.
Ошхонадаги соат учга бонг урди. «Ҳозир келишади», — хаёлидан ўтказди Раҳим Саидов. Лекин қайнатаси билан учрашув эрталабкидек уни ташвишга солмади. Хотинининг ўлимидан оғир нима бўлиши мумкин?.. Мунис... Мунис... Нима қилиб қўйдинг?.. Битта эмас, мингта узук десанг ҳам олиб берардим!.. Айтганингни қилардим! Раҳим Саидов хотинининг узун стол устида ҳозир ёлғиз ётганини эсладию, бадани муздек бўлиб кетди. Неча ойлаб, йиллаб тортган азоблари, ҳамма жанжаллар, беандиша гаплар, ҳаммаси хаёлидан кўтарилди. Кўз олдида Мунисхоннинг кулиб турган кўзлари, қулоғи остида жарангдор шўх кулгиси қолди, холос!
— Қадримга етмайсиз, — дерди у баъзан ҳам ҳазил, ҳам чин қилиб. — Бир кун ўлиб қолсам, ўшанда кўрасиз. Бирам пушаймон ейсизки...
— Нафасингизни иссиқ қилинг! — жаҳли чиқарди Ра-ҳим Саидовнинг ва беихтиёр ўшандай, хотини ўлиб ёлғиз қолган кунини тасаввур қиларди, лекин тасаввуридаги ёлғизлик негадир ёқарди... Тинч, ҳеч қандай ташвиш, жанжал йўқ. Эрталаб ишга боради, кечқурун қайтади. У кино, театрни ёқтирмасди. Баъзида телевизор қўйиб, детектив киноларни кўриб ўтирарди. Барибир зерикмайди, иши билан кечалари ҳам банд бўлади.
Албатта ўша пайтлари буларни у фақат тасаввур қилган эди, чиндан ҳам шундай бўлиб қолиши унинг хаёлига ҳам келмаган эди. Чунки, ҳеч маҳал хотинининг ўлимини тиламас, аксинча, баъзан ўзига ўлим тилаган пайтлари бўларди. Хаёл ҳаёт эмас экан. Ҳозирги унинг бошига тушган ёлғизлик ҳеч кимнинг бошига тушмасин...
Бир куни Мунисхон кўлга олиб боринг, деб туриб олди. Дам олиш куни эди. Кузнинг ўрталари. Ҳаво иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам. Жуда сайр қиладиган ҳаво. Эрталабдан бери қоғозлари устида бош қотирган Раҳим Саидов «йўқ» демади. Ўзининг ҳам боргиси келиб қолди. Анча айланишди кўлни. Кафега кириб, мороженое ейишди. Шампанское ичишди. Мунисхоннинг баъзи-баъзида ўткир ичимликларни кўнгли тусаб қоларди. Шунинг учун ҳам уйларида доим ғалати маркали, чиройли идишлардаги ичимликлар бўларди.
Раҳим Саидов энди кетамиз деб турганида, Мунисхон:
— Бир қайиқда айлантиринг, жон Раҳимжон ака!.. — деб елкасига ёпишди. — Анавиларни қаранг, нимамиз кам?
Раҳим Саидов кўл ичида сузиб юрган қайиқларни кўрди. Лекин ҳеч қандай хоҳиш сезмади. Бунинг устига, у ҳеч маҳал қўлига эшкак ушламаган эди. Сузишни ҳам билмасди. Йигитлиги қўзиб кетдими, ё Мунисхонни хафа қилгиси келмадими:
— Бўпти, юринг! — деди.
Улар бир соатча қайиқда сузишди. Мунисхоннинг боши осмонда эди. Ёш боладек эшкаклардан сув сачраганда, ўзини тутолмай қийқирар, «Тузуксиз-ку, энди ҳар отдих келамиз!» — деганча кулиб эрига қарарди. Раҳим Саидовнинг эса қўрқувдан ранги қув ўчиб кетган, кулишга ҳам мажоли йўқ эди...
Уйга келишганда:
— Биласизми, Мунис... мен сузишни билмайман, — деди креслога ўзини ташлаб.
— Қўйинг-е... — кулди хотини, кейин тутақиб кет-ди: — Ағдарилсак нима бўларди?
— Қўрқманг , бир амаллаб сизни қирғоққа олиб чиқиб қўярдим. Ўзим...
— Йўқ, нима бўлса ҳам аввал мен билан бўлади. — Мунисхон қатъий оҳангда гапирди. — Сиздан кейин қандай яшайман? Брр-р-р!..
— Битта-яримта мўйловдор топилар, — гапни ҳазилга бурди Раҳим Саидов.
Мунисхон бир вақт гап орасида «мўйлов қўйсангиз бўлмайдими?» деган эди. Унинг эса бир кун соқол олмаса, ғаши келарди, худди бир йил ҳаммомга тушмаган одамдек ҳис қиларди ўзини.
— Сиз-чи, — деди қошларини чимириб Мунисхон. — Мен ўлсам шундай кўмиб келиб, биттасини олиб кириб оларсиз уйга. Нима кўп, институтингизда қиз кўп... Битта -яримтасини кўз остингизга олиб қўйгандирсиз ҳам? Нима қилсангиз қилаверинг, майли. Биламан, ёлғиз қолмайсиз, уйланасиз... Фақат, барака топкур, бу каравотни сотиб, бошқа олинг. Бўлмаса, гўримдан туриб келиб, сочингизни битталаб юламан!.. Розимисиз?! Хўп денг!
Мунисхон отилиб келиб, ўзини эрининг қучоғига ташлади...
— Сизни чақиришяпти... — деди кимдир Раҳим Саидовнинг елкасига қўлини қўйиб.
У чўчиб ўрнидан турди.
— Ким? Қаерда?!
— Дадангиз билан Сулаймон ака. Раҳим Саидов ташқарига чиқди.
— Бу ёкда...
Раҳим Саидов қўшнисининг уйига кирди. Бу ерда ҳам одам тиқилинч эди. Бир хонада қариялар орасида отаси ва Сулаймон ака ўтиришарди.
— Эрталаб чиқариладиган бўлди, — деди Саид ака ўғли кириши билан. — Нима дейсан?
— Нима десанглар, шу.
— Ўзимизнинг Минордаги мақбарамизга қўядиган бўлдик. Боболаринг шу ерда, — давом этди салмоқланиб Саид ака. — Мунисхон ҳам фарзандимиз эди. Қолаверса, ҳаммамизнинг борадиган жойимиз шу ер.
Унинг ёнида ўтирган мўйсафидлар бошларини эгиб тасдиқлашди.
— Қудаларга тушунтирамиз. Кейин, шу иссиқда олиб кетиш ҳам қийин. Азобланади.
Раҳим Саидов «тўғри» дегандек, бошини қимирлатди. Пастдан йиғи овози кўтарилди.
— Болажоним Мунисим!.. Қайга кетдинг, ёлғизим!.. Раҳим Саидов таниди. Бу қайнанаси эди. Унинг овозига онасининг йиғиси қўшилди. Яна ҳамма ёқни қий-чув, йиғи товушлари тутиб кетди. Раҳим Саидов отасига қаради.
— Қудалар келишди... — деди Саид ака. — Кутиб олайлик..-
Ҳамма «гур» этиб ўрнидан турди.
Учрашув Раҳим Саидов ўйлаганидек кўнгилсиз бўлмади. Уйга биринчи бўлиб Убайдулла ака кўтарилди. У Саид ака ва подъездда турган бошқа мўйсафидлар билан кўришиб бўлгач, куёвини бағрига босди.
— Қизимиздан ажралиб қолибмиз-да, ўғлим?.. Унинг овози титрарди.
— Айб менда. Уйдан чиқармаслигим керак эди...
— Ундай деманг, ўғлим. Қаердан билибсиз... Пешанамизга ёзилгани шу экан... Қизим, қизим бечора... Худди ухлаётгандек ётибди...
Убайдулла ака пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
— Бордингизми?
— Ўша ёкдан келяпмиз. Аянгизга қийин бўлди. Шўрликнинг биттаю битта тилаб олган боласи шу эди...
Ая кўтарилди. Белига қийиқча боғлаган. Қовоқлари шишиб кетган. Қудасини кўриб, йиғидан тўхтади.
— Саидхон ака... бу қандай кўргилик-а?.. Энди мен нима қилдим? Мен ўлсам, энди ким йиғлайди онам деб?..
— Кўргилик, қуда, кўргилик... Бошимизда бор экан... Саид ака у билан кўришиб ичкарига ўтқазди.
— Салом алайкум, ая.. Раҳим Саидов унга яқинлашди.
— Вой болам, Мунисхон нима қилиб кетди ўзи? Ҳаммамизни қон йиғлатиб кетди-ку, а?! Ўша қонхўрлар мени ўлдириб кетиша қолса бўлмас эканми? Болам, болажоним!
У куёвини қучоқлаб ўкириб-ўкириб йиғлади. Ҳакима опа уни зўрлаб қўлтиғидан олиб ичкари хонага етаклади.
— Сен ул-бул еб олдингми, — деди кимдир аёллар кетишгач.
Раҳим Саидов ёнида Ҳафизини кўрди.
— Ҳа, қорним тўқ...
У шундай деди-ю, бирдан кўзлари тиниб кетди, мувозанатини йўқотиб, «гурс» этиб йўлакка йиқилди. Бу шу қадар тез юз бердики, Ҳафиз ҳам, унинг ёнида турган одамлар ҳам йиқилганидагина кўриб қолишди.
Анчадан сўнг у ўзига келиб, кўзларини очганида, ўз ётоқхонасида ётарди. Тепасида қандайдир башаралар... У таниди: отаси, Ҳафиз, Убайдулла ака... яна қандайдир аёллар...
— Ҳечқиси йўқ, ўғлим... — деди Саид ака. — Дадил бўл...

5

Санобар эрталаб эрининг шимини чўткалаётиб, қўли қаттиқ бир нарсага тегиб кетди. Гугуртга ўхшайди. Лекин эри гугурт тутмасди. Зажигалка тутарди. Зажигалкаси эса доим кўкрак чўнтагида бўлади. Ҳозир уйда, токчада турибди. Боя кўрди. Нима бўлдийкин? Унинг чўнтак ковлаш одати йўқ эди. Шундай бўлса ҳам чўнтакка қўл солди. Кичкина, гугурт қутичасидек қутича. Очди. Ичида катта ёқут кўзли янги узук. Янгилиги шундай кўзидан билиниб турибди, кир эмас.
Кўрди-ю, севиниб кетди. Наҳотки унга бўлса? Бармоғига солиб кўрди. Зўрға сиғди узук. Ҳечқиси йўқ, кенгайтириб олиш мумкин. Узук қўлига ярашди. Унда ЗАГСдан ўтаётганларида эрининг ўзи тақиб қўйган кўзсиз тилла узуқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Битта зирак. Бир кўзли кичкинагина зирак. Уни ҳам отаси қизлигида олиб берган. Эри тақинчоқларни ёмон кўрарди. Дур, тилла, ёқут... шуларни эшитса энсаси қотарди. Нима бўлдийкин унга? Ё биров олиб бердимикан? Албатта, бирон киши олиб берган, магазин деса қути учади-ю, ўзи олармиди? Санобар яна қўлига қаради, офтобга солди. Баланд сўри орасидан тушиб турган тонгги қуёш нурларида узукнинг кўзи қип-қизил анор донасидек ялтирарди...
Бирдан хаёлига бошқа нарса келди. Нега кечқурун бермади? Ё «сюрприз» қилгиси келдими?
У оёқ учида ётоқхонага кириб, эрига қаради. Эри бошини қўлларига қўйиб, шифтга термилиб ётарди.
— Собир ака, уйғондизми? -Ҳа.
Собир Алиев бошини кўтарди.
— Қаранг!..
Санобар ўнг қўлининг панжаларини ёзиб эрига кўрсатди. Собир Алиев бирпас ҳеч нарса тушунмай унга қараб турди, кейин бирдан дўқ урди:
— Еч, дарров!
— Нима бўпти? — ҳайрон бўлди Санобар.
— Еч дейман! — қичқирди яна Собир Алиев. — Еч!..
Санобар шоша-пиша бармоғидан узукни суғуриб, эрининг олдига ташлади.
— Бунча дўқ урмасангиз?!
— Биласанми, бу кимнинг узуги?
— Кимники бўларди, чўнтагингизда бўлгандан кейин... — ўксиниб деди Санобар. — Ўйнаш-пўйнашингизникидирда...
— Ўлдирилган аёлники.
— Вой ўлмасам!
Санобар ўхчиқ тутиб ҳовлига югурди. У қўлларини бир неча марта совунлаб ювиб, уйга қайтиб кирганида Собир Алиев ўрнидан турган эди.
— Нима қилардингиз шунақа нарсани уйга олиб келиб? — гина қилди Санобар.
— Биров сенга чўнтак ковла, дедими?
— Кечиринг, бунақа одатим йўқ эди... Дўппайиб турган экан, ола қолувдим.
— Қутиси қани?
— Ана, токчада.
Собир Алиев қўлидаги узукни қутисига солиб, чўнтагига яширди.
— Кеча шуни текширгани борувдим. Шунинг учун кеч келдим...
Санобар ҳеч нарса демай, эрига чой олиб келди.
— Қийин иш бошга тушди. Калаванинг учини тополмаяпман... — деди ўзича Собир Алиев.
Санобар яна индамади. Ў узукнинг эгасига ачиниб кетган, айни вақтда шундай узук унда йўқлигидан кўнгли ўксиган эди. Эри хотинининг авзойидан уни нима қийнаётганлигини тушунди ва оҳиста юзидан ўпиб, эркалади.
— Шу нарсанинг нимаси яхши? Қўпол, оғир... ўзим сенга бошқасини олиб бераман. Маош тегсин, путёвкаларнинг пулига қўшамиз-да, оламиз. Икки юз олтмиш тўрт сўм экан.
— У қанақа узук? — Ичида севиниб кетган бўлса ҳам, парвосизлик билан сўради Санобар.
— Ўрдадаги тилла магазинига келибди. Учта бриллиант кўзи бор эмиш.
— Яхши экан.
— Ана шуни олиб бераман. Бўлдими? Санобар лабларини чўччайтирди.
— Курорт-чи? Курорт нима бўлади?
— Албатта борамиз. Иш тугасин!
Санобар бундай бўлмаслигини яхши биларди. Ё курорт, ё узук... Биттасидан воз кечиш керак. У кўнгли зил кетган бўлса ҳам узукдан айниди. Ўзидан ҳам кўра эри дам олиши керак эди. Кейинги пайтларда негадир озиб, кўзлари киртайиб қолди. Асаби ҳам яхши эмас. Кечалари алаҳсираб чиқади. Қаёққа боришса ҳам майли, дам олса, бир ойгина ишини унутса бўлди.
— Узукни қўяверинг, — деди у. — Керак эмас. Аммо курортга бу йил бормасак, кўрасиз мендан... Кетиб қола-ман!..
— Бўпти! Ўзимнинг ақлли хотиним!.. Севгили хотиним!..
Собир Алиев Санобарни елкасидан ушлаб ўзига тортди.
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас у ўз кабинетида муккасидан ишга берилиб ўтирарди. Сўнгги беш кун ичида ҳеч қандай янгилик топилмади. Улар қўлидаги ҳеч бир нарса фожиага аниқлик киритмади.
Старший лейтенант Рўзиев Чорсуда турадиганлар ва ишга кўпинча трамвайда қатнайдиганлар билан гаплашди. Уларнинг биттаси ҳам Мунис Саидовани танишини, ҳатто уни кўрганини айтиб беролмади. Трамвай ҳайдовчи Шайхуддинова билан биринчи бўлиб ўликни кўрган темирйўлчи амаки ҳам масалага равшанлик киритолмади.
— Ҳеч унга кўзим тушмаган, — деди у. — Азонда ишга кетаман. Тўртларда қайтаман. Қайтаётганимда ҳам трамвай худди эрталабгидек бўш бўлади. Атиги беш-олтита одам. Агар шу пайтлари у трамвайда бўлганда кўзим тушарди. Йўқ, кўрмаганман...
Тўқимачилар комбинатида ишлайдиган Вера Ивановна Соколова ҳам худди шундай деди:
— Чорсуда трамвайга чиқадиганларни яхши биламан. Ҳаммаси чақарлик, самарқанд дарвозаликлар.. Улар ҳам мени танишади. Шу ерда туғилганман. Лекин бу аёлни сира учратмаганман. На трамвайда, на кўча-кўйда. Тағин ким билади? Чорсу гавжум жой. Кейин, ёшлар кўп. Ҳаммага эътибор бериб бўлармиди?
Ёқут кўзли узукни текшириш ҳам ҳеч қандай натижа бермади. Капитан Алиев шунга катта умид боғлаган эди. Ўзи шахсан Самарқандга бориб келди. Ўзук шу шаҳардаги ювилерторг магазинидан харид қилинган эди. Сотувчи ким олганини айтиб беролмади. Лекин қачон сотилганини дафтаридан қараб билиб берди. Ўн тўртинчи августда сотилган. Янабир нарса. Аёл киши олгани йўқ. Буни у аниқ билади. Ўзи олтита шундай узук келган. Бештаси Самар-қанднинг ўзида, кимларда эканинин ҳам билади. Яширишнинг ҳожати йўқ — танишлари. Узук жуда чиройли бўлганидан уларга ўзи хабар берди. Албатта, бу унинг айби, лекин ҳаммасини ўз нархига сотган. Текшириб кўриш мумкин. Олтинчи узукни у прилавкага қўйган эди, ҳеч ким сўрамади. Томоша қилишди-ю, олишмади. Танишлари ҳам олмади. Сотилган куни магазинга хрусталь ваза келган эди. Биласиз, ҳозир бу жуда ноёб нарса. Одам ёпирилиб кетди. Шунинг учун ким сотиб олганини эслолмайди.
Сотувчи яна нималарнидир гапириб, кечирим сўради. Капитан эшитмади. Тарвузи қўлтиғидан тушиб, сўнгги самолётда Тошкентга қайтди. Раҳим Саидов 12—15 август кунлари Олтиарикда бўлган, институтнинг тажриба участкасида. 15 да кечқурун қайтиб келган. Ким олган узукни? Ё Олтиарикдан Самарқандга ўтганмикин? Йўқ, йўл тескари. Мабодо ўтган бўлса, институтдагилар билишади. Ҳар ҳолда сўраш керак.
Капитан Алиев кеча Самарқандга жўнаётиб, уни чақиришни лейтенант Султоновга топширди. Беш кун бўлди хотинининг кўмилганига. Анча ўзига келиб қолгандир?
Султонов унинг Қўқондалигини, қайнатаси билан хотинининг еттисидан сўнг Қўқонда ташкил этилган маъракада қатнашаётганини, кечқурун қайтишини айтди.
— Жуда яхши, — деди капитан. — Эрталабга чақиринг. Қоровул хотинни ҳам.
Султонов честь берди.
Капитан Алиев негадир Раҳим Саидовнинг қотил бўлиб чиқишини истамасди. Кўнгли бўш, мўмин одамга ўхшайди. Таърифларидан ҳам яхши одамлиги сезилиб турибди. Лекин ҳаётда нималар бўлмайди. Туппа-тузук одамлар ўз хотинларини жуда пухта ўйлаб ўлдирганларига мисоллар йўқ эмас. Обрўли бир врач шундай қилган. Бунга анча бўлди. Капитан кўрган эмас, делосини ўқиган. Янги йил кечаси ичиб ўтириб, заҳар берган. Қизиғи шундаки, эртасига ўзи милицияга бориб айтиб берган. Раҳим Саидов бундай одамга ўхшамайди. Кейин, нима учун ўлдириши керак? Ёмон туришган. Унда ажралиши мумкин эди.
Лейтенант Султонов кирди.
— Раҳим Саидов шу ерда.
— Қоровул хотинчи?
— Рўпарасида ўтирибди.
— Демак, кўрди?
— Еб қўйгудек бўлиб тикилиб ўтирибди.
— Чақиринг. Қоровул хотин кирди.
— Келинг, опа. Яна овора қилдик-да, сизни?
— Овораси бор эканми, ука. Зарур бўлгандан кейин чақирасизлар-да.
Қоровул хотин креслога ўтирди.
— Ҳўш, янгилик борми?
— Йўқ, айланай. Ҳеч кимни кўрганим йўқ. Кўрсам, танир эдим.
— Ҳозир олдингизда ўтирган йигит-чи?
— Ўхшайди. Лекин у эмас.
— Нега?
— Негалигини билмайман. Ўхшамайди. Буни ҳеч кўрган эмасман биз томонда.
— Яхшилаб қарадингизми?
— Вой, укам. Ўша кундан бери дурбин бўлиб кетдим. Бу эмас. Тепамда Худо турибди, айланай. Ёлғон гапириб бир бечорани ташвишга қўяйми? Бу ўзи ким? Сиз чақирдингизми?
— Ҳа. Ўша ўлдирилган жувоннинг эри.
— Вой шўринг қурғур-е!.. Вой туппа-тузук эри бор экан-а.
— Ҳа, унга қийин бўлди. — Капитан, гап тамом дегандек, ўрнидан турди. — Хўп опа, хайр бўлмасам...
— Нега чақирувдингиз, укам? — Қоровул аёл ҳайрон бўлиб унга тикилди.
— Янгилик борми, деб чақирувдим-да, — капитан жилмайди.
— Янгилик бўлса ўзим югуриб келаман. Кўрсам танийман, айланай. Кўрдим дегунча олдингизга югураман.
— Бўпти бўлмасам, келишдик...
Қоровул хотин чиқиб кетди. «Танимади, — хаёлидан ўтказди капитан. — Ё чиндан ҳам бу эмас. Ишқилиб шундай бўлсин».
У стол остидаги кнопкани босди. Секретарь қиз кирди.
— Раҳим Саидовни чақиринг.
Кабинетга бир неча кундаёк ўзини олдириб, чаккалари туртиб чиққан Раҳим Саидов кирди.
— Салом, ўртоқ Саидов!
Капитан чаққонлик билан унинг олдига бориб сўрашди ва креслога ўтқазди.
— Биламан, сизга оғир бўлди. Катта кулфат тушди бошингизга... Чин юракдан сизга чуқур таъзия билдираман.
— Раҳмат, — деди Раҳим Саидов эшитилар-эшитилмас.
У бугун ҳам деярли мижжа қоқмай чиққан эди. Кечқурун самолётдан тушиб тўғри уйига борди. Синглиси аччиқ мастава қилган экан, ярим коса ичди. Кейин ўринга чўзилди. Анчагача уйқуси келмади. У ёнига-бу ёнига ағдарилиб ётди. Кўзи илинганда узуқ-юлуқ тушлар кўрди. Қандайдир одамлар уни қувлашди, уришди, ечинтиришди... Хотини яна пайдо бўлди. Бу гал у кулмади. Одатда у қаҳқаҳа отиб куларди, уни қаёққадир имларди. Бу гал кулмади ҳам, имламади ҳам. Бошида ўтирди. Катта лолазор эмиш. Қип-қизил гиламдек лолазор. Шарқираб оқаётган ариқ лабида Раҳим Саидов чўзилиб ётган эмиш. Бошида Мунисхон ўтириб, оҳиста-оҳиста унинг сочларини силармиш...
— Жудаям соғиндим. Бу гал узоқ қолиб кетдингиз... — дермиш у.
Раҳим Саидов қанча ўйламасин, қаерда узоқ қолиб кетганини эслолмасмиш. Сўрай деса, тили гапга келмасмиш... Яна нималардир кўрди, у илиб ололмади. Фақат эрталабга яқин бир оз тинч ухлади.
Қўқондан у кайфи бузилиб қайтди. Кундузи маҳаллага ош берилаётганда қандайдир аҳмоқ, маст бўлса керак, Убайдулла акани қучоқлаб йиғлади:
— Мунисни бекор Тошкентга узатдингиз, домла! Менга берганингизда ҳозир олдингизда бўларди, беш-олтита чурвақалар билан. Манави ҳезалак... уни хор қилган!..
Раҳим Саидовнинг ғазаби қайнаб кетди. Бориб башарасига мушт солмоқчи бўлганида одамлар судраб олиб кетишди.
— Кўнглингизга олманг, ўғлим, — юпатди Убайдулла ака. — Бу ярамас бир вақтлар Мунис билан ўқиган. Совчи ҳам юборган эди... Ҳафа бўлманг.
Раҳим Саидов ўзини босиб олди, лекин барибир дилидаги ғашлик уйга қайтганида ҳам тарқамади.
Ҳозир ҳам у милиция капитанининг хонасида ўтирар экан, негадир кечаги воқеани эслади. Ким билади, балки Мунис шундай мастларнинг қўлида қурбон бўлгандир?
— Нима учун чақирганимизни, албатта, биларсиз... — деди капитан жойига ўтириб. — Хотинингиз... Мунис Саи-дованинг қотили ҳали топилгани йўқ...
У шундай деб, ер остидан Раҳим Саидовга қараб қўйди.
— Тушунаман, — деди Раҳим Саидов бошини қуйи солиб.
— Бизни жуда кўп нарсалар қизиқтиради, — давом этди капитан. — Ёрдамингизга муҳтожмиз. Оғир бўлса ҳам, безовта қилишга мажбур бўлдик... Чорсуга хотинингиз нега борган? Билмайсизми?
— Йўқ, ўзим ҳам ҳайронман.
— Балки у томонда қариндошлар ёки таниш-билишлар бордир?
— Йўқ. Шахсан менинг у томонда ҳеч кимим йўқ.
— Хотинингизнинг-чи?
— Унинг ҳам қариндошлари йўқ у томонда, умуман Тошкентда. У қўқонлик.
— Биламан. Балки, танишлари бордир? Сиз хотинингизнинг ҳамма танишларини биласизми?
Раҳим Саидов ўйланиб қолди. Билармиди? Мунисхоннинг ўртоқлари кўп эди. Илгари, ҳали турмуш қурмасларидан учрашувларига у ҳар доим янги ўртоқ бошлаб келарди. Раҳим Саидовнинг истаги фақат Мунисхоннинг ўзи билан бирга бўлиш эди, шундай бўлса ҳам ноилож индолмасди. Мунисхон уни ранжитмасди. Кино ё театрга бориб келишгандан сўнг ўртоғини ётоққа киритиб юбориб, ўзи қоларди.
Бу ўртоқларининг кўпи ҳозир ҳар ёққа тарқаб кетган. У Фаридани билади. Зубайда деган қиз бор. Дўстлик жамиятида таржимон. Ишхонасидагилар. Ўзининг ҳам, хотинининг ҳам. Лекин буларнинг ҳаммаси иккаловининг ҳам таниши эди. Бошқа танишлари бормиди унинг? Албатта, бўлса керак... Лекин улар кимлар?
— Йўқ, билмаганларим ҳам бўлиши керак...
— Ўша куни у нима қилмоқчи эди? Билмайсизми? Одатда эрталаб эр-хотин қандайдир режалар ҳақида гаплашиб олишади...
— Ўша куними?.. Ўша куни... биз жанжаллашиб қолдик. Арзимаган нарсадан чиқди жанжал. Мен ишга кетдим кейин. У уйда қолди...
— Илтимос, тўлароқ гапирсангиз...
— Бунинг нима аҳамияти бор?
— Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Илтимос, тўлароқ гапиринг, нимадан жанжал чиқди...
— Нима десам бўлади?..
Раҳим Саидов ўйланиб қолди. У ҳеч кимга, айниқса, расмий кишиларга оиланинг икир-чикирларидан гапирмасди. Шундай одамларни ёмон кўрарди. Унинг учун эр-хотиннинг уриши ҳақида гапириш қандайдир жуда уятли кўринарди. У ҳатто Ҳафизга ҳам анчагача уйидаги тўполонларни гапиролмай юрди. Лекин одам қачонлардир йўлини топиб юрагини бўшатиши керак. Бир куни Ҳафиз билан қаердадир ичишди, Олимлар шаҳарчасида бўлса керак. Раҳим Саидовнинг кайфияти жуда бузуқ эди. Ўшанда ёрилди. Эртасига эса эслаб, бир неча кун ўзидан нафратланиб юрди.
Капитан уни мажбур қиляпти... Нима қилиши мумкин... Айтиши керак. Шундай бўлса ҳам у анча ўнғайсизланди.
— Эрталаб унинг қўлида янги узук кўриб қолдим. Катта қизил кўзли узук. Табрикладим. Бу жез узук, деди. Ростакамидан олиб беринг, деди. Йўқ, бундай демади. Агар дарров шундай деганида жанжал бўлмасди. Қандайдир гапларни айтди. Гина қилди. Ҳеч нарса сиздан кўрганим йўқ, деди. Мен ҳам бирор нарса деган бўлсам керак, узукни ечиб, отиб юборди. Хуллас, айтишиб қолдик... Кейин мен ишга кетдим. Ишхонадан бир-икки марта телефон қилмоқчи бўлдим, лекин... лекин лаънати ғурур йўл қўймади. Мен ўзимни айбдор ҳисоблолмадим. Бундай қимматбаҳо совғаларга қурбим етмаса, менда нима гуноҳ? Лекин кўришингиз мумкин. Ёмон яшамаймиз. Ҳамма нарсамиз бор. Мунис ҳам ёмон кийинмасди. Ҳар ҳолда, нима деса шуни қилишга ҳаракат қилардим. Ўша куни ишнинг охирига бориб, ярашишга, унга ўшанақа узук ваъда қилишга қарор қилдим. Шунинг учун уйга боришдан олдин, Ўрдадаги тилла магазинига кирдим. Битта узукни кўрдим. Анча қиммат экан. Икки юз қанчаям. Бунча пулим йўқ эди. Лекин уйга қуруқ боргим келмади. Бир ўртоғимга телефон қилдим. Ҳафиз. Бирга мактабда ўқиганмиз. Бирга ишлаймиз. Уни пули бор экан. Лекин магазинга улгура олмадим. Сотувчи бола эрталабгача олиб қўйишни ваъда қилди. Кейин уйга бордим. Ҳа... Йўлда гастрономга кириб торт олдим. Мунис «Пахта» тортини яхши кўрарди. Уйга борсам, йўқ. Кечаси билан қидириб чиқдим.
— Қаерларга бордингиз?
— Қаерга?.. Скверга бордим, бутун Энгельс кўчасини кезиб чиқдим. Хадича Сулаймонова кўчасини айландим.
— Нега қўшниларингиздан сўрамадингиз? Ё милицияга хабар бермадингиз?
— Милиция... Милиция эсимга келмабди. Қўшнилардан сўрагани... ростини айтсам, уялдим. Биз кўп жанжаллашиб турардик. Айниқса, кейинги пайтларда...
— Тахминан, қанчадан бери?
— Бир йилча... ҳа, бир йилчадан бери. Раҳим Саидов бирдан ўрнидан туриб кетди.
— Ўртоқ капитан! Мендан шубҳаланяпсиз шекилли? Наҳотки мен!.. Наҳотки!..
— Ўзингизни тутинг! — уни бўлди хотиржамлик билан капитан. — Тинчланинг, ўртоқ Саидов. Ҳеч нарса деёлмайман. Бизда сиздан шубҳаланишга асос йўқ. Лекин менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилар эдингиз?
— Тушунаман... — деди Раҳим Саидов ва оғир хўрсиниб жойига ўтирди.
— Биз ҳаммасини билишимиз керак. Ўша куни хотинингиз бир яримларда институтдан кетган. Кейин қаерда бўлганлиги бизга номаълум. Манави узукни танияпсизми?
Капитан стол тортмасидан никоҳ узукни олиб кўрсатди.
— Йўқ, лекин шундай узуги бор эди. ЗАГСдан ўтаётганимизда олиб берган эдим.
— Манави соатчи?
— Буни танидим. Мен совға қилганман. Туғилган куни. Тўғрироғи, мен пул берганман, ўзи олган.
— Манави зиракларчи?
Капитан бриллиант кўзли зиракларни унинг олдига қўйди. Раҳим Саидов зиракларга анча тикилди. Аммо таний олмади. Бундай зиракларни хотинида сира кўрмаган эди.
— Кимнинг зираклари?
— Хотинингизники, — деди капитан. — Манави узук ҳам.
У ёқут кўзли узукни қутичаси билан унинг олдига қўйди.
— Бу узукни танидим. Бу ўша, жанжалга сабаб бўлган узук! Жездан.
— Жездан? — ҳайрон бўлди капитан.
— Ҳа, жездан. Хотиним шундай деган эди.
— Баҳосини биласизми?
— Баҳосини ҳам айтувди... Ҳаҳ!.. Эсимдан кўтарилиб-ди. Эсладим! Беш сўм неча тийин ҳам!
Капитан жилмайди.
— Биласизми, бу узукнинг баҳоси қанча?
— Айтдим-ку!
— Йўқ, билмас экансиз, уч юз қирқ олти сўм.
— Нима?! — энди Раҳим Саидов ҳайрон бўлди. — Уч юз...
— Ҳа, уч юз қирқ олти сўм.
— Наҳотки хотиним адашган бўлса?!
— Хотинингиз адашмаган. Ким жез узукни ҳақиқий тилла узукка алмаштириб беради? Кейин жезни тилладан ажратиш қийин эмас.
— Демак... хотиним...
— Хотинингиз... нотўғри гапирган, — капитан «алда-ган» демоқчи эди, айтолмади.
— Нега ахир? — Раҳим Саидовнинг кўзлари пирпирарди.      — Нима зарурати бор эди?
— Манави зираклар эса тўрт юздан ошиқ туради.
— Тушунмай қолдим. Мунча пулни у қаердан олди экан?
— Демак, сиз илгари буларни кўрмагансиз?
— Йўқ, унинг зираги бор эди. Бунақа эмас. Ярим ойга ўхшаган тилла сим. Ойим совға қилган эдилар тўйда. Бошқа зираги йўқ эди.
— Ота-онасичи? Билишимча, хотинингиз ёлғиз фарзанд эди...
— Ҳа, шунақа. Лекин... йўқ, улар бунақа совға қилишолмайди. Айниқса, ҳозир. Отаси пенсияга чиққан. Тўхтанг!.. Балки ўртоқларидан бирортасиникидир? Вақтинча тақиб туришга олгандир?
— Бирон киши суриштирдими? — сўради ўз навбатида капитан.
— Йўқ, — бўшашиб жавоб қилди Раҳим Саидов.
— Бизга ҳам ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Шундай қимматбаҳо нарсаларни бериб турадиган одамлар, агар ўртоқлари бўлса, унинг қандай вафот этганини эшитишарди. Тўғри эмасми?
Раҳим Саидов «ҳа», деб бошини эгди. У ғалати аҳволга тушиб қолган эди. Хотинининг шунча сири бор экан, у билмабди, ҳатто гумон ҳам қилмабди.
— Ўртоқ капитан, наҳотки?..
— Буни мен сиздан сўрашим керак, — уни тушунди капитан. — Хотинингизнинг ҳаракатларида ҳеч нарса сезганмидингиз?
Йўқ, ҳеч нарса сезмаган эди у. Энди фаҳмлаяпти. Ҳар ҳафта янги кўйлак, антиқа туфлилар... Мунисхон эрига кўрсатарди уларни. Соатлаб ойна олдида ўзини кўз-кўз қиларди. Шунда ҳам фаҳмламабди у.
— Иш кўп. Икки-уч йилдан бери янги препарат устида бош қотиряпмиз. Эрталаб кетаман, кечқурун келаман. Ҳеч нарса сезмасдим...
Сезмаганмиди?.. У хаёлга чўмди. Фикрини бир жойга тўплаб, эслай бошлади. Хотини янги нарса кўрсатган ҳар бир кунни эслашга уринди, кўз олдига келтирди. Наҳотки?! У бир кунни эслади. Эрта куз эди. Негадир ишдан эрта қайтди. Мунисхон йўқ. Ўзи ошхонага ўтиб қозонни очди. Ёғ юқи сув ичида қозон сочиқ ивиб ётарди. Чой қайнатиб ичди. Телевизор қўйди. «Сўнгги ахборот» берилаётган экан, кўрди. Қоронғи туша бошлади. Хотинидан дарак йўқ. Диққат бўлиб, сигарет тутатди. Кўча томонга қараган дераза форточкасини очган эди, унга тегиб турган терак шохидан бир-иккита барг узилиб, қоғоз қушдек пирпираб пастга туша бошлади. Раҳим Саидов барглар ерга тушгунча қараб турди. Шу пайт уй олдига бир «Победа» келиб тўхтади. Ундан Мунисхон тушди. Қўлида пакет. Шофернинг башараси кўринмади. Мунисхон машинанинг олдинги ойнасига бошини суқиб бирпас турди. Раҳим Саидов сезди, куляпти, кейин югурганича уй томон кетди. Машина ўша заҳоти жойидан қўзғалди.
Мунисхон уйга кўтарилганда икки юзи қизариб кетганди, ҳансирарди.
— Раҳимжон ака, кечиринг, магазинга борувдим, ушланиб қолдим.
— Ҳечқиси йўқ, — деди Раҳим Саидов ўзини босиб.
— Ул-бул едингизми? Овқат ҳам қилолмадим. Ҳозир гўшт қовуриб бераман.
— Чой ичдим. Кераги йўқ. Ўзингиз агар истамасангиз...
— Қорним тўқ. Ўшатда кабоб едим. Кутавериб кўнглим озиб кетди. Раҳимжон ака! - Мунисхон эрининг бўйнидан қучоқлади. — Нима олдинг ҳам демайсиз? Хотинингизнинг қаёқларда юргани билан ишингиз йўғ-а!
— Нега, энди хавотир ола бошловдим, — деди Раҳим Саидов хотинини енгил итариб, хотини сохталик қилаётганини у биларди. — Нима олдингиз?
— Вуй, ажойиб нарса! Анчадан бери шуни орзу қилиб юрардим.
— Нима экан?
— Английский кофта. Қаранг!
Раҳим Саидов энсаси қотиб, хотинининг қўлига қаради.
— Эгнимга қаранг, эгнимга!
Мунисхон олиб келган нарсасини кийиб улгурган эди. Оддий, қора кофта. Балки чиндан ҳам ажойиб нарсадир. Раҳим Саидов фарқига бормади. Лекин хотинини хафа қилмаслик учун мақтади.
— Яхши экан. Сизга ярашди.
— Вуй! Жудаям! Анатолий Назарович ҳам шундай деяпти.
— Анатолий Назарович?! — ҳайрон бўлди Раҳим Саидов.
— Магазинчи-да, — тушунтирди Мунисхон. — Бирам яхши одам. Устига атиги беш сўм олди.
— Нега?
— Вой, жудаям соддасиз-да! Шунақа нарсани очиқ олиб бўладими! Ҳаммаси прилавканинг тагида. Анатолий Назарович билан бир ўртоғим таништириб қўйди. Анави французский, кенг пошналик туфлигимчи, ўшаниям у олиб берди.
— Машинада олиб келган ким? — ўзини тутолмай сўради Раҳим Саидов.
— Вой, кўриб турувдингизми? Анатолий Назаровичда. Вахлик олиб беролмади. Складга тушиш керак экан. Пойлаб турдим. «Уйим ўша ёкда, ташлаб кетаман», деди. Вой, рашк қиляпсизми? — Мунисхон кулди. — Ўша бесўнақайга-я! Бошимга ураманми?! Бурни катта, ҳамма ёғи юнг. Оти ҳам ғалати. Анатолий Назарович! Ғирт қишлоқи одам-ку, Анатолий Назаровичмиш. Ўла қолсин!.. Кўнглингиз тўлдими?
Раҳим Саидов бошини қимирлатди. Мунисхон «чўлп» этиб унинг юзидан ўпди.
— Бирам чарчаб кетдим! Ваннада иссиқ сув бордир-а, чўмилиб чиқай...
Ярим соатдан сўнг у юпқа нейлон кўйлакда нозик, пушти ранг баданини кўз-кўз қилиб, ваннадан чиқди. Раҳим Саидовдаги ғубор шу заҳоти йўқолди...
Шуни айтиш керакми капитанга?! Бўлар иш бўлди, энди яшириб нима қилади?
— Унинг бир таниши бор эди. Шахтёрлар уйидаги магазинда. Тайёр кийимлар магазини. Сотувчи бўлса керак. Баъзан кам топиладиган нарсаларни ўшандан олиб келарди. Оти Анатолий Назарович.
— Кўрганмисиз?
— Йўқ, кўрмаганман, — деди Раҳим Саидов ва нимадир юрагини тимдалаб ўтди. —Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Хотинимнинг айтишича, жуда бесўнақай одам. Ҳамма ёғи жун. Бурни катта.
— Биз аёлларни яхши билмаймиз, — оҳиста эътироз билдирди капитан. — Ишқилиб, айтганингиз келсин. Анатолий Назарович, дейсизми?
— Ҳа, «Победа» машинаси бор. Бир куни хотинимни... уни олиб келиб қўйганини кўрганман.
Раҳим Саидов шундай деди-ю, иккала қулоғи қизариб кетаётганини сезди.
— Тахминан қачон? Айтолмайсизми?
— Ўтган йили кузда.
— Кейин-чи, кейин у ҳеч уйингизга келмадими?
— У ҳеч маҳал уйимга келган эмас! — Раҳим Саидовнинг жаҳли чиқди. — Кўрмаганман, деб айтдим-ку!
— Кечирасиз, лекин сиз кўрмаган бўлишингиз мумкин...
Раҳим Саидов нима дейишини билмай, бошини эгди. Шу кунгача оғир тошдек юрагини эзиб келган азоб, хотинига ачиниш ҳисси ҳозир унда йўқолган, уларнинг ўрнини қандайдир иккиланиш, жирканч бир туйғу қоплаган эди.
— Яна битта савол. Сиз хотинингизга яхши кўриб уйланганмисиз?
— Албатта. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳеч ким мени мажбур қилмаган...
— У-чи?
— Назаримда, у ҳам... мени яхши кўрарди. Фақат онаси билан муносабатимиз ёмон эди. У қизининг Тошкентда қолиб кетишини истамасди, кейин мендан дурустроқ одамлари бўлса керак мўлжалида... Ҳар ҳолда, у бир оз қаршилик кўрсатган эди. Лекин...
— Нима лекин?
— Мунисни бўйида бўлиб қолган эди... Иложи қолмади йўқ дейишга.
— Болалар йўқ шекилли?
— Ҳа; У туғолмасди. Биринчи бола операция қилиб олинган. Ўлик эди.
— Юзига солармидингиз ҳеч шуни?
— У туғолмаслигиними? Йўқ. Хаёлимга ҳам келган эмас. Шунинг учун у мени ҳурмат қиларди. Кейин ўзи ҳам бола истамасди. Докторлар, туғишингиз мумкин, деяпти. Лекин нима қиламиз, ёшмиз ҳали, дерди. Мен рози эдим.
— Кўпинча ёлғиз қолармиди уйда?
— Унчалик эмас. Ойда тўрт-беш кун ўрта ҳисобда. Командировкаларга кетганимда ёлғиз қоларди. Ойимни чақирайлик, ё эски ҳовлига бориб тур, дердим илгарилари. Хўп дерди. Бир-икки шундай ҳам қилган. Кейин одатланиб кетди шекилли, бормай қўйди. Улар ойим билан жудаям яхши эмас эди. Мен ҳам мажбур қилмадим. Лекин командировка ҳеч бир ҳафтадан ошган эмас.
— Ўртоқ Саидов, охирги савол. Ҳеч кимдан гумонингиз йўқми?
— Билмайман. Ўша магазинчини эътиборга олмаганда...
— Анатолий Назаровичними?
— Ҳа, ўшани эътиборга олмаганда, ҳеч кимдан гумон қилмайман. Билган одамларимдан...
— Раҳмат. Сизни анча безовта қилдик... Капитан ўрнидан турди.
— Илтимос, нариги хонага ўтинг, менга айтганларингизни ёзиб кетсангиз...
-Хўп.
Раҳим Саидов капитан кўрсатган хонага чиқди. Лейтенант Султонов унга қоғоз, ручка тутқазди.
— Ҳаммасини ёзайми? — сўради Раҳим Саидов уялинқираб.
— Нимани лозим топсангиз, шуни ёзинг... — деди лейтенант.
Раҳим Саидов қўлига ўз авторучкасини олди. Нимадан бошлаш керак? У ўйланиб қолди. У ҳеч маҳал бундай ноқулай аҳволга тушиб қолишини хаёлига келтирмаган эди. Фожиа, мотам, алданиш... Наҳотки Мунисхон, севикли хотини уни ёш боладек ўйнатиб келган, ўзининг ундан бўлак, фақат ўзи биладиган ўзга ҳаёти бўлган? Наҳотки, унинг ҳамма кулиб боқишлари, ишдан келганида югуриб бориб қучоғига отилишлари, ҳамма илиқ, фақат севимли одамга айтиладиган гаплари бўҳтон, кўзбўямачилик бўлса?!
Раҳим Саидовнинг хўрлиги келиб кетди, олдидаги оппоқ қоғозга «так» этиб ёш томчилади.
— Мазангиз йўққа ўхшайди, чой олиб келайми? — сўради лейтенант.
Раҳим Саидов ўзини тинчитиб олиш учун зўрға бошини лиқиллатиб «майли», деди.
Лейтенант чой олиб келганида, орқасидан секретарь қиз кирди.
— Сизни Собир акам чақиряптилар, ўртоқ лейтенант.
— Ҳозир. Олинг, аччиқ-аччиқ ичиб олинг.
— Раҳмат, — деди Раҳим Саидов унинг қўлидан пиёлани олар экан.
Лейтенант чиқиб кетди. Раҳим Саидов чойдан бир-икки ҳўплаб, олдидаги оқ қоғозга тикилди...
Капитаннинг хонасида старший лейтенант Рўзиев ўтирарди.
— Эшитаман, ўртоқ капитан! — Султонов честь берди.
— Ёзиб олинг, Анваржон. Шахтёрлар уйи. Тайёр кийимлар магазини. Анатолий Назарович. Ким у, нима иш қилади, қаерда туради, хуллас, бизга тегишли ҳамма нарсани аниқлаш керак.
— Хўп бўлади.
Лейтенант Султонов чиқиб кетди.
— Давом этинг, — капитан Рўзиевга ўгирилди.
— Сув сотувчи кампир уни таниди, — деди Рўзиев.
— Бу яхши, хўш?
— Унинг айтишича, Мунис Саидова жуда кўп марта Чорсуда бўлган, шундай будканинг олдидан Самарқанд дарвоза томонга ўтиб кетар экан. Баъзан сув ичар экан.
Кампирга ишониш мумкин. Доим унга ҳавасим келарди, дейди. Келишган, яхши кийинадиган аёл эди, дейди.
— Ёлғиз ўтар эканми дўконнинг олдидан?
— Буни айтиб беролмади. Гавжум жой, дейди. Кўрмаганман, дейди. Назаримда, ўртоқ капитан, у кўрган, лекин чўчияпти айтишга.
— Одам қўямиз ёнингизга, сизга ҳеч нарса қилмайди, демадингизми?
— Айтдим. Сержант Қорабоев ўша ерда.
— Яхши қилибсиз.
— Охирги марта уни кечқурун саккизларда кўрибди. Негадир бу гал у жуда шошиб ўтиб кетибди. Кампир энди будка беркитмоқчи бўлиб турган экан. Бу гал у ёлғиз эди, деди. Шундан ушлаб олдим. Демак, илгари бировлар билан кўрган экансиз-да, дедим. Индамади. Кўрсатади. Қорабоев ақлли йигит, уни кўндиради.
— Яхши. Газета парчасини аниқладингизми?
— Ҳа, ўртоқ капитан. — Рўзиев олдида турган папкани очиб, картон қоғозга эҳтиётлик билан ёпиштирилган газета парчасини олди. Мунис Саидованинг сумкасидан чиққан узук қутичаси шу газетага ўралган эди. — Бу парча «Тошкент оқшоми» газетасининг биринчи бети, ўнг томондаги тепа бурчаги. Қайси кунилигини ҳам аниқладим. 20 август, шу йил. Ундаги қаламда ёзилган рақамлар эса почтальонники бўлиши керак. Буни ҳам экспертлар аниқлаб беришди. Мана, чизиқ бор, манавиниси олти экан. Демак, уй номери 16/44. Бунга ишониш мумкин. Почтальонларнинг ҳаммаси газета, журналларга уйларнинг номерларини ёзиб қўйишади. Лекин қайси почтальон буни ёзган, обуначи ким, қайси кўчада туради, аниқлаб бўлмади. Бунинг учун ҳамма почталарни айланиб чиқиш керак, ҳамма почтальонларнинг ёзувини кўриш керак. Бу қийин. Бир-иккита сўз ёзилган бўлганда ҳам майли эди...
— Ҳа, бу оғир... — рози бўлди капитан. Секретарь қиз кирди.
— Ўртоқ старший лейтенант! Сизни сержант Қорабоев сўраяпти. Радиодан.
— Менга уланг! — деди капитан. — Тез! Секретарь қиз шошиб чиқиб кетди.
— Ўртоқ старший лейтенант! — радио рубкадан Қорабоевнинг овози эшитилди.
— Капитан Алиевман. Гапираверинг.
— Чорсудаги оператив бўлимдан гапиряпман. Сув дўконидаги кампир таниди. Бу ўрта яшар киши. Суратини олдим... «Москвич» машинада дўкон олдида тўхтаб, бир яшик пиво олди, кейин машинасида бозорга кириб кетди. Машинанинг номери ТНБ  50-50. Ўртоқ капитан, буйруғингизни кутаман!
— Сотувчи нима дейди? — сўради капитан.
— Сотувчи машина тўхтаганда, менга имлаб кўрсатди. «Шу», деди. Бошқа ҳеч нарса дегани йўқ. Қўрққанидан юраги чиқиб ўтирибди. Ҳозир кўряпман, дўконини бекитяпти.
— Сиз нимадасиз?
— Мотоциклим бор.
— Такси ёки шахсий машиналардан бирортасини тўхтатиб, «Москвич»ни кузатинг. Плёнкани зудлик билан менга жўнатинг.
— Тушунаман, ўртоқ капитан!
— Бўпти. Алоқа тамом! Капитан радиорубкани ўчирди.
— Унинг танишлари ҳаммаси машиналик тўкисларга ўхшайди. Биттасида «Победа», биттасида «Москвич». Бечора Раҳим Саидов... Ҳали «Волга»лиги ҳам чиқиб қолмаса?..
— Унинг ўйнашлари бўлган деб ўйлайсизми? — сўради Рўзиев.
— Қосимжон!.. — капитан ёрдамчисини уялтирди. — Бошқа сўз тополмадингизми?
— Рости-да, Собир ака.
— Афтидан, шундайга ўхшайди. Лекин нега ўлдириш керак бўлиб қолди? Ким ўлдирди? Мана масала қаерда. — Капитан сигарет тутатиб ўйга толди. — Баъзан одамларга тушунмайман беш қўлларини оғизларига тиқишади. Шу хотинга нима етишмаётувди? Тақинчоқларми? Уларсиз ҳам яшаш мумкин. Аминманки, уч-тўрт йилдан кейин пули кўплигидан нима қилишини билмай қоларди. Эрини кўрдингизми? Келишган, ақлли одам. Келажаги порлоқ одам. Хотин кишига яна нима керак? Ақлнинг чегараси бор, аҳмоқлик эса чексиз, деб бекорга айтишмаган экан.
— Балки ундан фойдаланишмоқчи бўлишгандир? — тахмин қилди Рўзиев.
— Нима учун? Нима мақсадда?
Рўзиев елкаларини қисди. Ҳали кўп нарса иккаловига тундек қоронғи эди.
— Яна бир нарсани биз билмаймиз...
— Нимани? — сўради Рўзиев.
— Чорсуга келгунча у қаерда бўлган? Радиорубканинг кўк чироғи ёнди.
— Эшитаман?
— Ўртоқ капитан! — Бу Қорабоев эди. — «Москвич» бозордан чиқиб, Самарқанд дарвозага кириб боряпти.
— Яхши. Кузатинг. Иложи борича у сизни кўрмасин.
— У тўхтади! Ҳозир мен ёнидан ўтиб кетиб, қайтаман.
— Кимнинг машинасидасиз! Уни огоҳлантирганмисиз?
— Ҳа. Жамоатчи автоинспектор. Плёнкани жўнатдим. Орқадан кўряпман. У кўк дарвозага кириб кетди... Ҳозир қайтяпман... Яқинлашдим. Уй номери ўн олти-ю, қирқ тўрт, ўртоқ капитан.
Капитан ялт этиб Рўзиевга қаради.
— Энди нима қилай, ўртоқ капитан?
— Қайтинг. Постингизни эгалланг.
— Эшитаман, ўртоқ капитан.
— Калаванинг учи топилди! — Капитан ўрнидан туриб кетди. — Иш энди бошланади. Нима қилиш кераклигини биласизми?
— Ҳа. — Рўзиев ҳам ўрнидан турди.
— Боринг.

6

Раҳим Саидов хиёбонда битта-битта юриб борарди. Бу ерда ҳали тонг ҳоври кўтарилмаган, салқин. Қизил қум сепилган юмшоқ йўлкалар, асфальт тротуар тунда сепилган сувдан ола-була бўлиб турибди. Қалин барглар орасидан танга-танга тушиб турган нурлар ҳали уларни қуритишга ожиз. Қуёш энди бу ерга бошини кўтариб қараяпти. Одам кам. «Дўстлик» кафесининг орқасида эса деярли ҳеч ким йўқ. Кафенинг усти очиқ зали бўм-бўш. Раҳим Саидов учун бу айни муддао эди. У ҳозир ҳеч кимни кўргиси, ҳеч ким билан гаплашгиси келмас эди. Ҳозиргина милиция идорасида у ёзиб чиққан «иншо», у ерда кўрган нарсалари, эшитган гаплари ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборган эди. Наҳотки рост бўлса? Кимга алмаштирди уни Мунис? Қачон? Балки бунинг ҳаммаси тахминдир? Унда қайси аҳмоқ бекордан-бекорга шундай совғалар қилади?
У арғувон тагидаги стол ёнига ўтирди. Официант қиз келди.
— Нима истайсиз?
— Мумкин бўлса коньяк. Ҳа, юз грамм коньяк...
— Бизда коньяк бўлмайди. Шампанское бор.
— Майли, бир бокал келтиринг. Муздагидан.
— Бокаллаб сотмаймиз. Шишаси билан сотамиз...
— Шишаси билан олиб келинг. Ўзингиз шерик бўласиз.
— Мен иш пайтида ичмайман.
— Дарвоқе, иш пайти-я!
Раҳим Саидов соатига қаради. Ўн бирдан йигирмата ўтибди. Ундан бошқа ҳамма ишда ҳозир. Институтдагиларнинг ҳаммаси. У ҳам ишда бўлиши керак эди. Зотан, унинг кераги йўқ ҳозир. Ҳамма ҳисоблар қилинган, препарат тайёр. Ҳафизнинг навбати ҳозир. Лекин ишга борса, ёмон бўлмайди. Майли, бирон соат шу ерда бўлади, нафасини ростлайди, кейин боради...
— Хўш, нима олиб келай? — сўради официантка.
— Шампанское...
— Шишаси билан-а?
— Олиб келаверинг.
— Тавба! Башарасидан туппа-тузукка ўхшайди... Раҳим Саидов беихтиёр жилмайди. «Ҳа, — ўйлади ичида у, — башарадан ҳеч билиб бўлмайди. Қани энди шундай бир аппарат ўйлаб чиқарилса-ю, шундай кнопкасини босишинг билан истаган одамингни дилидагини билсанг!.. Физикларга айтиб қўйиш керак. Бу яхши фикр...»
У шу аппаратни кўз олдига келтирди ҳам. Кичкина бўлади у, гугурт қутичасидек. Соат чўнтакда ҳам олиб юрса бўлади. Сочнинг толасидек қулоққа тақилади. Юпқа мембрана рўпарасидаги кишининг юрак уришига монанд ҳаракатга келади. Кнопка босилдими бас, марҳамат қилиб эшитавер!
Раҳим Саидов шу топ физик бўлмаганига ачинди. Бўлмаса, албатта шундай аппарат ижод қиларди. Эҳ-ҳа, қандай сирлар аён бўлмасди денг ўшанда. Муниснинг ҳам сирлари маълум бўларди. Қачондан бери алдай бошлади экан у? Эски уйдаликларидами, ё бу ёққа кўчиб келишганидан кейинми? Анатолий Назаровичнинг отини қачон эшитди?
Ўтган йили кузда. Йилга яқинлашиб қолибди. Шумикан ё бошқа?..
Раҳим Саидов яна ўйланиб кетиб, официантка узун фужер билан оғзи очилган шампанское шишасини олиб келганини кўрмади. Қиз шишани тўқ этиб мармар столга қўйди-да, блокнотини очди.
— Сиздан тўрт сўм эллик тийин!
— Хўп, — деди Раҳим Саидов.
— Марҳамат қилиб ҳозир тўласангиз.
— Қочиб кетади деб ўйлайсизми?
— Йўқ, гаплашиш қийин бўлса керак, деб ўйлайман.
— Айтганингиз бўлсин.
Қиз Раҳим Саидовнинг негадир кулгисини келтирарди. Сабабини билолмади. Балки, калта, орқасига сичқоннинг думидек ингичка ўриб ташланган сочидаги бесўнақай қизил лентадир, балки муомаласидир? Бунинг унга аҳамияти йўқ эди, нимадир унинг чеҳрасини очган эди.
У чўнтагидан беш сўмлик пул чиқариб узатди.
— Майдаси керак эмас.
— Кечирасиз, бизнинг кафеда ёшлар бригадаси ишлайди.
— Ёшларга пул керак эмасми?
— Бунақа пул керак эмас. Марҳамат, олинг.
— Бўлмаса битта шартим бор.
— Яна қанақа шарт? — қиз қошларини чимирди.
— Мен билан уриштирасиз.
— Гражданин! Боя айтдим-ку, ишдаман, деб.
— Биламан, бугун менинг... туғилган куним. Бир ҳўплам бўлса ҳам ичасиз...
— Унда майли. Мен ҳозир фужер олиб келай.
У тезда қайтди ва Раҳим Саидовнинг рўпарасига ўтирди. Раҳим Саидов иккала фужерни тўлатди. Учқунлар сачратиб оппоқ кўпик фужерлар четидан оша бошлади.
— Нима учун ичамиз? — сўради Раҳим Саидов.
— Айтдингиз-ку, туғилган куним, деб. Сиз учун. — Қиз фужерни қўлига олди. — Бахтли бўлинг.
Улар уриштириши. Фужерларнинг жаранги Раҳим Саидовнинг дилига чироқ ёққандек бўлди. У фужерни охиригача, бир томчи қўймай бўшатди. Қиз яхши ният қилган эди. Шундай бўлармикин?
— Кайфингиз йўқ кўринади? — сўради қиз.
— Ҳа, кечаси кам ухладим.
— Сезилиб турибди. Камроқ ичиш керак. Яхшиси, ичмаслик керак. Самуғ акамга доим шундай дейман.
— У киши ким?
— Ўртоғим, — қиз уялиб ерга қаради.
— Жуда ёшсиз-ку?
— Бир йил бўлди турмуш қурганимизга. Армиядан қайтдилар-ку, тўй қилдик. Шофер. Такси ҳайдайди.
— Яхши касби бор экан.
— Касби яхши-ю, ўртоқлари ёмон.
— Нега?
— Ичиришади. Илгари ичмасдилар. Энди ичиб келадиган бўлиб қолдилар.
— Ҳа, ичмаслик керак.
— Сиз ҳам ичманг, — қиз унга меҳр билан тикилди. — Шунча шампанскоени ичиб нима қиласиз?
— Ичмайми?
— Ичманг.
— Бўпти. Негадир боя ичгим келиб кетди. Энди йўқ.
— Боя сизни кўриб қўрқиб кетдим.
— Нега?
— Мастга ўхшадингиз. Раҳим Саидов жилмайди.
— Маст эмасман. Ишим юришмай қолди.
— Хафа бўлманг, юришиб кетади.
— Раҳмат, синглим. Хўп, мен кетдим.
— Ичмайсизми?
— Йўқ, ичмайман. Яхшиси, ичмаслик керак, шундайми? Қиз бошини қимирлатди.
— Келиб туринг!..
Раҳим Саидов хиёбондан чиқиб, катта кўчага ўтди. «Яхши қиз экан. Нимасидир Мунисга ўхшайди. Нимаси? Мунис, Мунис!..»
У нима дейишини билмади. Милиция идорасидан чиққанидан бери у хотинига ачинмасди ҳам, ундан нафратланмасди ҳам. Лекин кўз олдидан капитан кўрсатган буюмлар кетмасди, қулоғи остида унинг гаплари жарангларди...
«Хотинингизнинг ҳамма танишларини билармидингиз? Ҳеч кимдан гумонингиз йўқми? Наҳотки ҳеч нарса сезмагансиз?..»
Қандай уят! Қандай даҳшат!.. Ҳеч кимга айтиб ҳам бўлмайди буни! Балки булар ҳаммаси тахминдир? Милиция масалани ҳар томонлама текширади. Яхшими, ёмонми ажратиб ўтирмайди. Улар ҳамма нарсани тахмин қилишга, ҳаммадан гумон қилишга мажбур. Бу ҳам шундай бўлсачи? Капитаннинг саволларидан унинг ўзидан ҳам гумон қилишаётгани маълум бўлиб қолдику? Раҳим Саидов ўз хотинининг қотили. Тавба, ақл бовар қилмайди. Шундай экан, Мунисни ҳам ҳар нарсада гумон қилишлари мумкин. Лекин, тақинчоқлар кимники?
Мунисни кўмиб келишган куни ҳамма таниш-билишлар анчагача ўтиришди. Ҳеч ким ҳеч нарса сўрагани йўқ. Уялишдимикин? Шундай қимматбаҳо нарсаларни сўрашга ким уяларди?
Раҳим Саидов суриштиришга қарор қилди. Бунинг нимаси ёмон? Балки изи чиқиб қолар? Ишхонадан кўра, уйда туриб суриштиргани маъқул.
У уйига қараб йўл олди. Муҳаббат синглиси ҳозир у билан турарди. Балки у билар? Онасига қараганда унинг хотини билан алоқаси яхши эди. Мунис ҳам уни яхши кўрарди. Баъзи нарсаларни унга ҳадя қилган эди. Муҳаббатнинг гавдаси уникидек келишган, тахминан у билан баравар. Кўча-кўйда иккаловини кўрган одам опа-сингил дерди.
Раҳим Саидов ўзи эшикни очиб, уйга кирди. Муҳаббат ошхонада дарс тайёрлаб ўтирарди. Акасини кўриб югуриб олдига келди.
— Тинчликми?
— Тинчлик, одатдаги савол-жавоблар.
Раҳим Саидов синглисини кўрди-ю, фикридан қайтди. Қандай сўрайди? Агар у ҳеч нарсани билмаса, уялиб қолиши мумкин. Бегона одам билан гаплашиш енгилроқ.
— Ҳа, ўқишга бормадингми?
— Ҳозир кетаман. Бугун биринчи пара йўқ. Ўзингиз нега қайтдингиз, ака?
— Менми?.. Портфелим қолиб кетибди. Кейин, баъзи қоғозларни олишим керак.
— Чой ичасизми?
— Йўқ, сен кетавер. Муҳаббат кийиниб чиқди.
— Кечқурун нима овқат қилай?
— Ихтиёринг.
— Ош қиламан.
— Майли.
Раҳим Саидов кабинетига ўтди. У тезроқ синглисининг кетишини истарди. Кўп ўтмай, эшик ёпилиб, қулфнинг ширқ этгани эшитилди. У шошиб, ошхонага чиқди. Аввал Фаридага телефон қилади. Сирдошроқ ўртоғи шу эди. У телефон китобининг сўнгги бетига Мунис шоша-пиша ёзган номерларни қидира бошлади. «Фар», деган ёзувга кўзи тушди. Шу бўлса керак. У телефонни бурай бошлади.
— Интуристми? Менга Фарида керак эдилар. Фарида? Салом, бу менман, Раҳимжонман. Яхшимисиз?
— Эшитаман, Раҳимжон ака? Тинчликми?
— Тинчлик. Олдингизда одам борми? — сўради Раҳим Саидов кейин «Барибир эмасми?» деб кўйди ичида.
— Йўқ, нима эди?
— Иўқ, йўқ, ҳеч нима. Фарида, Мунис сиздан ҳеч нарса олганмиди?
— Тушунмадим, қанақа нарса?
— Масалан, зирак, узук...
— Йў-ў-қ. Нега сўраяпсиз, Раҳимжон ака? Бирон нарса йўқолибдими уйда?
— Аксинча, пайдо бўлиб қолибди?
— Нима?
— Масалан, узук. Катта, қизил ёқут кўзли узук. Кейин бриллиант зирак.
— Вой, Раҳимжон ака! Нима деяпсиз ўзингиз! Зирак Муниснинг ўзиники-ку? Кичкина, бинафша гулга ўхша-ганми?
— Ҳа.
— Бу ўзиники. Эсингиздан чиқдими, ўзингиз олиб бер-гансиз-ку?
— Мен?! — ҳайрон бўлди Раҳим Саидов.
— Ҳа. 8 Мартга олиб бергансиз. Тўрт юз қирқ олти сўмми, шунақа туради. Наҳотки эсингизда йўқ? Ўша куниёқ менга кўрсатди. Қаердан олганингизни ҳам айтди.
— Қаердан олибман? — бўшашиб сўради Раҳим Саидов.
— Ўрдадан. Ўрдадаги тилла магазиндан. Бирам ҳавасим келган эди. Борсам, қолмабди.
— Узук-чи? — бўғилиб сўради Раҳим Саидов.
— Эшитмадим, нима?
— Узукни сўраяпман?
— Буни билмадим. Шунақа узук бор эканми? Яна бир айтинг, қанақа дедингиз?
— Катта, қизил кўзли тилла узук...
— Йўқ, буни кўрмаганман...
— Кечирасиз... — Раҳим Саидов ундан, «Билмайсизми, кимники бўлиши мумкин», деб сўрамоқчи эди, айниди... Ўзи сўрагани маъқул. — Демак, у сиздан ҳеч нарса олмаган?
— Йўқ, Раҳимжон ака.
— Раҳмат. — У трубкани қўйди.
Энди кимга телефон қилсин экан? Яқинроқ ўртоқларидан яна ким бор? Зубайда. «Дўстлик» жамиятидаги ўртоғи. Бирга ўқишган. Аммо бу аёл билан Раҳим Саидов кам учрашган эди. Зубайда у йўғида бир-икки уйга келган экан. Улар асосан кўчада учрашар эдилар. Мунис шундай дерди.
Раҳим Саидов жамиятнинг телефонини топди. Телефон қилсинми? Таваккал!
— Алло! «Дўстлик» жамиятими?
— Ҳа, — жавоб қилди эркак овози.
— Зубайда бормилар?
— Ким сўраяпти?
— Бир таниши.
— Кечирасиз, бу кишининг танишлари жуда кўп. Телефон эса битта, менинг олдимда. Нима ишингиз бор, айтинг, айтиб қўяман.
— Ўзлари керак эдилар, илтимос!..
Трубкадан хўрсиниш эшитилди, кейин нимадир тақил-лади.
— Зубайда! Яна телефонга!
Кўп ўтмай, трубкадан қўнғироқ овоз эшитилди:
— Эшитаман?
— Зубайда? Сизмисиз?
— Мен!
— Сизни Раҳим Саидов безовта қиляпти.
— Ким? Ким?
— Раҳим Саидов. Мунисхоннинг эри.
— Э, салом, Раҳим ака! Эшитаман.
— Сиздан бир нарсани сўрамокчи эдим... Мунис... Му-нисхон сиздан ҳеч нарса олмаганмиди?
— Нима эди? — хавотирланиб сўради Зубайда.
— Ўзим, шундай. Уйда баъзи нарсалар чиқди. Кимни-килигини билолмаяпман.
— Эслолмаяпман, Раҳимжон ака... Нима бўлиши мумкин? Вой! Агар журналлар бўлса, ҳеч кимга кўрсатманг! Мунис бир-икки кунга деб олган эди... Аннақа журналларда, биласиз-ку... Илтимос, ҳеч кимга кўрсатманг. Мендан зўрлаб олиб кетган эди.
— Йўқ, журналлар эмас...
— Нима бўлмасам? — Ҳайрон бўлди Зубайда.
— Узук.
— Узук?
— Йўқ, менинг иккита узугим бор, иккалови ҳам қўлим-да. Қанақа узук экан?
— Қизил кўзли узук, тилла узук. Мен сизникими, деб ўйлаган эдим.
— Йўқ. Суриштириб кўрайми? Хадичада шунақа узук бор эди.
— У киши ким?
—Танимайсизми? Иностраннийда инглиз факультетининг декани. Бирга ўқиганмиз.
— Майли. Пойлаб турайми?
— Ҳозир сўраб бераман.
Зубайда трубкани қўйди. Раҳим Саидов ўйланиб қолди. Хадичани у ҳеч кўрмаган эди, Мунис ҳам у ҳакда ҳеч гапирмаган. Тағин ким билади, хаёлидан кўтарилгандир?
У стулга ўтириб, сигарета тутатди. Яхши. Афтидан, улар ҳеч нарса сезишмади. Фарида ҳам, Зубайда ҳам. Сезишса нима эди? Балки улар билишар Муниснинг танишларини? Сўрасинми? Йўқ, йўқ, бу уят, кейин ўтакетган пасткашлик! Қандай сўрайди, қандай тили боради? Балки улар бирга бўлишгандир? Улар ҳам шундай...
Раҳим Саидов бу даҳшатли фикрларни миясидан қувишга ҳаракат қилиб, қўлларини беихтиёр силтади. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Уларнинг алоқаси йўқ. Мунис ўзи ёлғиз... Бўлмаса, учала эр ҳам ғирт аҳмоқ бўлади, ҳозир эса битта у... Балки у ҳам алдамагандир? Ҳаммаси, ҳаммаси фараз... Унинг эсига бир ўқитувчиси келди. Ҳарбийдан дарс берарди мактабда. Баланд бўйли, барваста одам. Урушда бўлган. Унинг хотини ҳам дарс берарди. Бошланғич синфларда. Ойниса опа. Жуда шўх, ҳазилкаш аёл. Раҳим Саидов уни яхши кўрарди. Бир кунда бир неча марта салом берарди. Уни кўриш учун, кулганини томоша қилиш учун. Эри негадир доим ғамгин юрарди, оғзидан папироси тушмасди... Лекин ҳеч кимни уришмасди. Бир куни у келмади. Дарс бўлмади.
— Мен биламан нега келмаганини, — деди кимдир. — У Ойниса опани тутвопти илмий мудир билан.
Болалар кулиб юборишди. Эртасига Раҳим Саидов унинг хотини билан қўл ушлашиб кетаётганини кўрди. Яна аввалгидек дарсига кела бошлади. Аммо Раҳим Саидов иккаловини ҳам хуш кўрмай қолди. Ойниса опанинг шўхлигидан энди у жирканадиган бўлди. Наҳотки у ҳам ўша ўқитувчиси ҳолига тушиб қолди? Ҳамма билган, ҳамма кўрган, лекин ҳеч ким унга айтмаган, ундан жирканган?..
Телефон жиринглади.
— Мен Зубайда. Раҳим ака, Хадича билан гаплашдим. Йўқ, уники эмас.
— Кечирасиз, овора қилдим сизни...
— Овораси бор эканми?.. — Зубайда ўйланиб қолди. — Кимники бўлиши мумкин? Балки ўзиникидир?
Раҳим Саидов «унда билардим» демоқчи эди, ўзини тутди.
— Балки... Балки ўзиникидир. Хўп, кечирасиз.
— Мен яна суриштириб кўраман, — ваъда қилди Зубайда.
Яна кимга телефон қилиш мумкин? Муниснинг ательеда, сартарошхонада танишлари бор. Улардан олмагандир? Олган бўлса улар югуриб келишарди. Ким қолди? Раҳим Саидов бир-бир эслаб чиқди. Йўқ, бошқа ҳеч кимдан олиши мумкин эмас. Баъзи ўртоқларини биларди. Лекин улар ҳақида Мунис ҳеч тайинли гап айтмаган, демак, яхши эмас. Лаънати узук! Наҳотки одам шундай яшай олмаса? У жиддийроқ хулоса чиқаришга уриниб кўради. Бироқ фикрлари шундай хулосалар атрофидан нарига кетмасди.
Бирдан миясига янги фикр келиб қолди. Шошилиб ётоқхонага ўтди. Бу ерда ҳамма нарса Мунисхон тириклигидагидек қолган, фақат тошойна тагидаги атир-упалар ўрни бўш эди.
Раҳим Саидов шоша-пиша шкафни очди. Кийимлар, бир-бирига ёпишган кийимлар қатор осиғлиқ турибди. Кўпи Мунисхонники. Оқ, сариқ, шоҳи, шерсть кўйлаклар... Уларнинг баъзиларини Раҳим Саидов кўрган, баъзиларини кўрмаган. Шерсть кофталар, костюмлар... Ана, қора инглиз костюм ҳам осиғлиқ турибди. Унинг ёнида пальтолар, бир эмас, учта пальто. Полкаларда латта-путталар, улар нима, Раҳим Саидов билмайди ҳам. Лекин ҳамма ёкдан хотинининг ҳиди анқиб турибди. У кийимларни титкилар экан, ҳар бир кўйлак ичидан Мунисхон унга тикилиб, «нима қиляпсиз?» дегандек бўларди.
Қаралмаган пастдаги тортмалар қолди. Раҳим Саидов энгашди. Биринчи тортмада носки, пайпоқлар турарди. Иккинчи тортмада қандайдир материалларнинг қийқимлари. Охиргисини очганида, уч рус баҳодири расми солинган қутичага кўзи тушди. Қутини таниди. Ҳафизнинг хотини совға қилганди қайси бир байрамда. Олиб қопқоғини кўтарди. Қутида бир сиқим дур ётарди, яна аллақандай тугмачалар, барг нусха клипси... Дурларни у кўрган.
— Қаранг, худди ростакам дурга ўхшайди, — деган эди уни олиб келганда Мунисхон. — Ростаками, биласизми, қанча туради? Беш юз, олти юз сўм. Бир ипи. Бунинг икки ипи тўрт сўм. Доктор бўлганингизда олиб берасиз. Мабо-до, Японияга бориб қолсангиз, ўша ёқдан олиб келасиз. У ёкда арзон эмиш.
Раҳим Саидов ваъда қилди ва Японияга бориб, олаётганда адашмаслик учун яхшилаб хотинининг бўйнидаги икки қатор осилиб турган шу дурларга қаради.
Ёки бу ҳам... Унинг юраги орқасига тортиб кетди. Дурларни чангаллаб, чўнтагига солди-да, кўчага отилди.
Ўрдадаги тилла магазинига у беш минутда етиб келди. Прилавка ёнида ўша таниш сотувчи йигит турарди. У Раҳим Саидовнинг ҳовлиқиб кирганини кўрди-да, бошини чайқади:
— Аттанг, ака, кеча сотиб юбордим. Сизни кўп кутдим. Яхши узук эди...
— Мен... мен бошқа нарсага келдим...
— Лаббай?
— Манави... манави... — Раҳим Саидов чўнтагидан дурни чиқариб унга узатди. — Ростакамми, билиб беринг!..
Йигит дурга тикилди.
— Яхши дурга ўхшайди. Оляпсизми, ё сотмоқчимисиз?..
— Ол... оляпман, — деди Раҳим Саидов.
— Қанча сўрашяпти? — йигит дурдан кўз узолмай қолди.
— Тўрт юз... Йўқ, беш юз сўм... бир ипи.
— Беш юз сўм? Яхши дур. Зиён қилмайсиз. Тағин суриштирайлик-чи? Раҳматиллака!
Ичкаридан кўк духоба дўппи кийган мўйсафид бир одам чиқди.
— Манави қалай? — йигит унга дурни узатди.
— Яхши дур. Қанча экан?
— Беш юз.
— Арзийди. Яхши дур. Кимники?
— Манави акамларники. Ака!
— Ҳа, — деди зўрға Раҳим Саидов.
— Олаверинг. Буюрсин. Бу жуда кам топиладиган нарса.
— Ҳа, ҳа, — деди Раҳим Саидов ва тиззалари қалтираб кўчага чиқди. Энди унга ҳамма нарса аён эди. У алданган! Мунис, суюкли хотини уни алдаган. Қандай даҳшат! Беномус, уятсиз хотин!..
У битта-битта юриб пиёда уйга келди. Буфетни очиб, босиб икки рюмка коньяк ичди. Бадани қизиб, пешанасидан тер чиқди. Буфет ёнида турган стулга ўзини ташлади-да, бошини қўллари орасига олди. Бутун вужуди титрарди.
Шу алфозда анча ўтирди. Кейин секин бошини кўтарди. Нима қилиш керак? Милицияга борсинми? Кўрсатсинми? Наҳотки ўзи аниқлай олмаса? Унда нима қилиб эркак бўлиб юрибди? Ҳар ҳолда бир нарса қилиш керак эди. Шу фикр унга далда бўлди шекилли, ўрнидан турди.
Аввало у ўзини қўлга олиши керак, тинчланиши керак. Унинг ўрнида бошқа одам бўлганда, аллақачон қоғоз, қалам олиб, нима қилиш кераклигини ёзиб чиқарарди ва ҳаракатга тушарди.
— Ўғлингиз қандай қилиб ўқийди, билмайман. Ҳеч бир ерда қўним топиб, дарс қилганини кўрмайман.
Ёшлигида ойиси шундай дерди, ундан шикоят қилгандек бўлиб, Саид ака кулиб қўярди.
У варрак учиришни яхши кўрарди. Дам олиш кунлари, каникулларида болалар эрталаб варрак ясашга киришишарди. Биров қамиш олиб келган, биров шилдироқ қоғоз, биров ун, ё шафтолининг сирачи... У ҳеч нарса қилмасди. Варраклар битгунча томоша қилиб ўтирарди. Учиришаётганда эса ҳаваси келарди, у ҳам учирмоқчи бўларди. Лекин қайси бола ўз варрагини беради? Шунда дадасига ялинарди:
— Жон дада, қилиб беринг!.. Ҳаммасининг варраги бор, меники йўқ.
— Ўзинг қил. Улар ўзлари ясайди-ку, сенинг қаеринг кам?
Шу гап таъсир қилармиди, ё тезроқ варрак учиргиси келармиди, бирпасда ясаб ташларди. Унинг варраги ҳамманикидан баланд, текис учарди... Ўқишда ҳам шундай эди. Тайёрланмай юриб-юриб, имтиҳонга бир-икки кун қолганда, муккасидан тушиб дарс қиларди ва доим «беш» оларди. Институтда ҳам шундай ўқиди. Иш бошқа гап. Иш одамни қолипга солиб қўяди, тартибга ўргатади. Шундай бўлса ҳам Раҳим Саидов бир ғояни узоқ ўйлаб юриб, тажрибани жуда тез ўтказарди...
Ҳа, у ўзини қўлга олиши керак, тинчланиши керак. Дур, зирак, узук — ҳозирча иш бошлаш учун шулар етарли. У телефон трубкасини қўлга олди.
— Ҳафиз? Бу мен — Раҳимжонман.
— Салом, Раҳимжон. Нега келмадинг? Тузукмисан?
— Сен менга жуда кераксан.
— Эшитаман.
— Йўқ, телефонда айтолмайман. Кела оласанми?
— Ҳозир, лаборантларга жавоб бериб юборай. Олдимда туришибди. Биласанми, препаратли пахта очилди. Бир чанокдагиси олти грамм! Участкадаги ҳам шундай натижа берса, марра бизники!
— Жуда яхши. Хурсандман. Препаратсизлигичи?
— Қовжираб ётибди.
— Демак, бекорга ишламабмиз. Хўш, келасанми?
— Ўн минутда уйингда бўламан...
Раҳим Саидов уйни яна бир бор қараб чиқди. Трюмонинг ҳамма тортмаларини ахтарди, ёзув столининг тортмаларини бир-бир титкилади. Бошқа ҳеч нарса чиқмади. «Шунинг ўзи ҳам етар», хаёлидан ўтди унинг. Мунис ўзи молпараст эди. Раҳим Саидовнинг сира ёдидан чиқмайди, тўйнинг эртасига у хотинидан қаттиқ таъна эшитган эди.
Саид ака тўй бўлиши аниқлангач, тезлик билан келин тушириш учун эски ҳовлининг бурчагига бир уй, бир кичкинагина даҳлиз солдирди. Уй шунчалик тез битдики, Раҳим Саидов қурилиш қачон бошланиб, қачон тугаганини пайқамади. Ўртамиёна уй. Ойналик, эшиклик... Ҳатто даҳлизга кираверишдаги зинанинг устига зонт ҳам қўндирилди. Раҳим Саидовнинг ўзи дадасининг ёнида туриб эшикларни қуришга ёрдамлашди. Магазинда фақат яшил бўёқ қолган экан, шуни олиб келди. Шифтини эса кўчанинг оғзида қурилаётган кўп қаватли бинодан иккита хотин ке-либ мойлаб кетишди. Бўёқ ҳиди кетмай тўй бўлди. Эрталаб Раҳим Саидов пишиллаб ухлаб ётган ёш хотинининг ёнидан туриб институтга кетди. Бормаса бўлмасди. Ўртоқлари уни уялтиришди, уришишди, шундан кейингина уйига қайтди. Келса, Мунисхон йиғлагудек бўлиб ўтирибди. Тепасида аяси.
— Нима қилди? — хавотирланиб сўради Раҳим Саидов. Мунисхон учун аяси жавоб берди:
— Ўғлим, сиздан шуни кутмовдим. Тўйнинг биринчи куни ҳам ташлаб кетасизми хотинингизни?
— Кечирасиз, бугун иш куни эди, билмабман. — Қизариб кетди Раҳим Саидов.
— Министр уйлансаям уч кун палагайса. Билишингиз керак эди. Бу ҳам майли. Қандай уйга туширдинглар қизим бечорани? Боя келсам, дағ-дағ титраб ўтирибди. Нима экан десам, шифтда калтакесак юрибди, думини лапанглатиб!
Мунисхон ҳам йиғи аралаш луқма ташлади.
— Қаёқдан топдингиз бу бўёқни? Ҳамма ёқ олатароқ бўлиб ётибди.
— Хафа бўлманглар, шошилиб қолдик, — деди бошини эгиб Раҳим Саидов. — Бошқатдан ремонт қиламан. Кечирасизлар.
Ая чимирилиб чиқиб кетди. Раҳим Саидов хотинининг ёнига ўтириб, уни қучоқлади.
— Эътибор берманг, Мунисхон, озгина сабр қилинг, ажойиб уйда яшайсиз. Ёруғ, кенг, катта...
Мунисхон индамади. Ўша куни Раҳим Саидов одати бўйича молларга овқат бергани молхонага кирди. Уларнинг икки-учта қўйи, битта катта тарғил сигирлари бор эди. Саид ака, болалар эрталаб албатта сут ичиши керак, деб кўп йиллардан бери мол ушларди... Раҳим Саидов қўйларнинг биттасини кўрмади, сигир ҳам йўқ эди. Қўй албатта тўйга сўйилган бўлиши керак. Сигир-чи? У молхонадан чиқиб супада бир гуруҳ кишилар ва қудаси билан ўтирган дадасининг ёнига борди.
— Дада, сигир қани? Саид ака жилмайди.
— Уй қуришнинг ўзи бўлади, дейсанми, ўғлим. Сотдим.
Раҳим Саидов оғир хўрсинди. Саид ака ўғлининг дилида нима бўлаётганини сезди шекилли, атрофдагиларга эшиттириб гапирди:
— Уйингиз омонат, ўғлим. Кузга бориб ремонт қиламиз, чарақлаб кетади.
Раҳим Саидов миннатдор оҳангда отасига қараб қўйди.
Кузда уй ремонт қилинди. Яхши усталар топилди, яхши оўёқлар олиб келинди. Яшил шифт оқиш тус олиб, ярақлай бошлади. Синька билан оқланган деворлар пушти рангга кирди. Мунисхон уч-тўрт кун жуда хурсанд бўлиб юрди. Кейин бошқа нарса уни қийнай бошлади: қайнана ёмон бўлиб қолди. Ҳар куни майда-чуйда гаплар, ғийбат...
«Мана кўрасиз, алоҳида турсак, жуда яхши бўлади. Атиги иккаламиз бўламиз. Биз нимани талашардик?».
Раҳим Саидов то бир қарорга келгунча, Саид ака масалани ҳал қилди. Мунисхоннинг боши осмонда эди. Кўп ўтмай янги уйга кўчишди. Лекин... лекин жанжал камаймади. Қайтанга кўпайди. Ҳаммасининг сабаби мол эди, пул эди. Раҳим Саидов шу қимматбаҳо тақинчоқларни ўзи олиб берганда ҳам, Мунисхон яна бир етишмовчилик топиб жанжал кўтаришига энди буткул ишонган эди.
Ҳафиз келганда у ошхонада буфетнинг тортмаларини титкиларди. Ким билади, балки бу ерга ҳам бирон нарса яшириб қўйгандир? У анча ўзини босиб олган, тинч эди.
— Ҳа, нима қиляпсан? — сўради Ҳафиз.
— Қидиряпман.
— Нима?
— Ҳар хил қимматбаҳо буюмлар... Мунис катта мерос қолдириб кетибди менга.
— Аҳмоқона гапларингни қўй. Нега чақирдинг?
— Шунга. Шу меросни кўрсатгани.
Ҳафиз ҳеч нарсани тушунмади. Ҳайрон бўлиб, ўртоғининг пешанасини ушлади.
— Иситманг йўқ. Нималар деяпсан ўзи?
— Бир эртак эшитганман болалигимда. — Раҳим Саидов ўзига ва ўртоғига коньяк қуйди. — Ич. Бир камбағал кампир бор экан. Унга тушида Хизр йўлиқиб, бозордан битта товуқ сотиб олинг, дебди. Фақат савдолашманг, дебди. Кампир эрталаб бозорга борган экан, бир қора товуқ учрабди. Эгаси неча пул деса шуни бериб, уйга олиб ке-либди. Товуқ тухум қила бошлабди. Бу тухум эмас, гавҳардан. Қалай?
— Зўр эртак экан. Хўш, унинг менга нима алоқаси бор? — сўради Ҳафиз.
— Сенга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Менга шунақа гавҳар тухум қиладиган товуқ учраган экан, билмабман.
— Нима деяпсан ўзи, Раҳим? — жаҳл билан сўради Ҳафиз.
Раҳим Саидов чўнтагидан дурни чиқарди.
— Кўряпсанми? Минг сўм туради, янги пулда!
— Нима қилибди? — ҳайрон бўлди Ҳафиз.
— Уйдан топдим. Мунисники. Милицияда яна минг сўмлик мол ётибди. Узук, зирак. Булар ҳам Мунисники.
— Нима қилибди?
— Қайси пулга олган буларни? Тушунмадингми? Ҳафиз энди тушунди.
— Наҳотки...
— Ҳа. Афсуски шундай. Ўша қора товуқ ҳам бекорга гавҳар тухум қилмаган. Кампир дон сепиб турган.
— Кимлигини биласанми?
— Кошкийди билсам! Ҳафиз, дўстим, ҳеч ишонгим келмаяпти. Наҳотки одам шу даражага борса? Эртага ишда бўлмайман.
— Нега?
— Қўқонга бориб келаман. Балки, аяси бергандир? Нима дейсан! Ишонмайману, лекин қари тулкининг эридан кўп нарсани яширишини биламан. Балки уникидир?
— Бориб кел. Чиндан ҳам шундайдир?
— Охирги умидим шу.
— Қачон кетасан?
— Ҳозир.
— Бўлмаса, юр. Кузатиб қўяман. Ўзингни қийнама. Чиндан ҳам аясиникидир. Ўликлар ҳақида ёмон гапириш яхши эмас.
Ҳафиз Раҳим Саидовни елкасидан қучоқлаб кўчага олиб чиқди.
— Ростингни айт, — сўради Раҳим Саидов аэропортга кетишаётганида. — Сен ҳеч нарсани сезмасмидинг?
— Нимайди?
— Ўзингни гўлликка солма. Мунисда-да!
— Йўқ.
— Хотининг-чи? У ҳеч нарса демаганмиди?
— Йўқ, у ҳам ҳеч нарса демаган. Лекин Вазира хотинингни ёмон кўрарди. Нега, билмайман. Доим у сенга ачинарди.
— Нега?
— Иккалови икки қутб дерди.
— Бу тўғри. Лекин нега ёмон кўрарди? Бир нарса билса керак ҳар ҳолда?
— Билмадим. Сенга маслаҳатим. Ҳозир ҳеч кимга қулоқ солма. Бориб кел. Суриштир. Балки бекорга гумон қилаётгандирсан?
— Милиция-чи?
— Нима, милиция адашмайдими?
— Кошкийди шундай бўлса!..
Ҳафиз зўр йигит. Танимаган одами, билмаган нарсаси йўқ. Бирпасда аэропортнинг халқаро бўлимига кириб билет тўғрилаб чиқди. Ҳатто Қўқонга телефон ҳам қилдирди. Шу одам эртага қайси рейсга билет сўраса топиб беришларига унаттирди. Мана, икки соат ичида Қўқонга келиб турибди. Ҳаво анчайин салқин эди. Тошкентдагидек дим эмас. Енгил шамол эсарди. Аэропортдан чиққанда сув сепадиган машина ҳамма ёқни чангитиб тротуар аралаш сув пуркаб ўтди. Раҳим Саидов қанчалик эпчиллик қилмасин, туфлисига лой сачради, аэропорт биносига киришга тўғри келди. Киоскадан газета олиб артди. Қайтиб кўчага чиққанда троллейбус кўринди.
Мунисхонларнинг уйи театрнинг орқасида эди, шундай марказда. Раҳим Саидов бу шаҳарга келишни яхши кўрарди. Хотини шу ерлик бўлгани, ё шаҳар марказида қўнадиган жойи бўлгани учун эмас, шаҳарнинг ўзи ёқарди. Кичкина, тинч, салқин... У кечқурунлари ҳаво олиб келай, деб кўчага чиқар, алламаҳалгача ёпилмай турадиган, ҳар қадамида учрайдиган дўконлар, велосипед минган мўйсафидлар, ёш-ялангни томоша қиларди. Таниш-билишлар ё қайнатаси билан такялардан бирига бориб девзирадан ош қилишарди. Қўқонликлар чойхонани яхши кўришади. Ҳар бир маҳалланинг деярли ўз чойхонаси бор, шунга қарамай, ҳар бир қўқонликнинг ўзи яхши кўрадиган жойи ҳам бор эди. Убайдулла акага Теракзор такя маъқул тушиб қолган эди. Баланд, танаси қулочга сиғмайдиган тераклар остида етти-саккизта тахта сўри қўйилган, йўлканинг ёнидан жилдираб сув оқарди. Озода, тинч. Энг муҳими, бу ерга келган одам шаҳар ичида ўтирганини унутарди. Раҳим Саидовни уч-тўрт марта қайнатаси шу ерга олиб келди, ўзи ош қилди. Қип-қизил, ҳар бир гуручи ялтираб кўзни оладиган ош... Шу-шу Раҳим Саидов қачон Қўқонга келмасин, Теракзорга келиб, битта ош қилдирмаса кўнгли жойига тушмасди.
Троллейбусда кетаётиб, чойхонага кирадиган тор кўчага
кўзи тушди. «Убайдулла ака балки шу ердадир! — хаёлидан ўтди унинг, лекин нима ҳақида у билан гаплашиши эсига тушиб, тушгиси келмади. — Уйга борай-чи!»
Убайдулла ака уйида эди. Сўрига нарвон қўйиб, сап-сариқ чарос бошларини қоғозга ўраётган эди. Куёвини кўриб, пастга тушди.
— Келинг, Раҳимжон, ўғлим!
Раҳим Саидов салом берди. Убайдулла ака уни уйга бошлади.
— Келинг, нечук?
— Ўзим, шундай...
Убайдулла ака, айвондаги хонтахта ёнига ўтиришар экан, куёвига синчиклаб қаради.
— Саид акам тинчмилар? Қуда ая?..
— Ҳаммаси тинч, салом деб юборишди... — деди Раҳим Саидов масалага қандай ёндошишни ўйлар экан. — Аям қанилар?
— Шу ерда. Нонга чиқиб кетувди. Ҳализамон келиб қолади. Хўш, Тошкентлар тинчми?
Раҳим Саидов қайнатасининг нимани назарда тутаётганини фаҳмлади. Қизининг еттисини ўтказиб қайтаётганида, у милицияга кирмоқчи ва қотилни суриштирмоқчи эди. Раҳим Саидов қайтарди, ўзим хабар оламан, овора бўлманг, деди. У қайнатасини аяган, милицияга бориб фожиани яна бир бор кўз олдидан ўтказишини истамаган эди.
— Ҳали ҳеч гап йўқ. Шуғулланишяпти, — деди у ва бугун уни чақиришгани, баъзи нарсаларни сўрашганини айтиб берди, лекин ундан ҳам гумонлари борлиги ҳақида оғиз очмади.
— Муниснинг қандайдир танишларини суриштиришди, — деди у гапининг охирида.
— Қандай танишлари? — қизиқди Убайдулла ака.
— Мен билмаган танишлари. Билмадим, — деди.
— Бор эканми шунақалар?
— Ҳа, бор экан?
— Уларни қидириб нима қилишмоқчи?
— Назаримда, ўша куни қаерларда бўлган, шуни билишмоқчи бўлса керак. Мен билган нарсамнинг ҳаммасини айтиб бердим.
— Ҳа, дуруст. Қани, чойга қаранг. — Убайдулла ака телпак босилган чойнакдан чой қуйиб узатди. — Мен қотилни кўришга тоқатим йўқ. Башараси қурсин унинг. Нега ўлдирган, сабабини билмоқчиман. Нима учун энди туппа-тузук юрган одам ўлиб кетаверади? Муниснинг кимга оғирлиги тушган экан? Ё бу оддий безориликмикан? Сизнинг ўзи ҳеч тусмолингиз йўқмиди?
Раҳим Саидов энди айтиш мумкинлигини сезди.
— Шу масалада келдим олдингизга.
— Хўш-хўш?
— Муниснинг ёнидан бир қанча қимматли нарсалар топишибди. Узук, зирак. Анча қиммат. Иккалови минг сўмга боради. Кўрсатишди. Бунақа нарсалар унда йўқ эди. Битта зираги бор. Уни биламан. Бу бошқача. Кўзлари бриллиантдан. Узуги катта, ёқут кўзли узук. Ўша куни эрталаб қўлида кўрган эдим. Жез, деган эди. Жез эмас экан. Уч юзу қанча турар экан. Қаердан олган буларни, ким берган? Аям билмасалар, бошқа ҳеч ким билолмаяпти. Кейин уйдан манави дур чиқди.
Раҳим Саидов чўнтагидан дурни олиб, қайнатасининг олдига қўйди.
— Бу ҳам жуда қиммат турар экан. Битта ипи беш юз атрофида. Бошим қотиб қолди.
Раҳим Саидов бошини эгди.
— Бу дур аянгизда йўқ эди. Бўлса, мен билардим. Убайдулла ака дурни кунга солди.
— Шунақа қиммат турар эканми?
— Шунақа дейишди.
— Суриштирмаганмидингиз, қаердан олдинг, деб?
— Оддий мунчоқ деган эди. Ростини айтмаганини қаердан биламан?
Убайдулла ака соқолини тутамлаб, хаёлга толди. Қизидан ажрагани ўзи бир азоб эди, ёнига бу ҳам қўшилдими энди? Қаердан олди экан у буларни?
У қизини яхши биларди. Тутган еридан кесадиган одам. Бу жиҳатдан онасига ўхшарди. Онасидан у яна ясан-тусанни, молга ҳавас қўйишни олган эди. Ёшгина қизча экан, уйига ким келса бўйрачўп кўтариб олдига борарди.
— Ўсма қўйиб қўйинг.
Ўсма, кейин сурмага ўтди, хинага...
Убайдулла ака ўз таъсирини унга ўтказа олмаганидан кўп куйинарди, лекин ҳеч нарса қила олмасди. Табиатан юмшоқ, кўнгилчан одам, ёлғиз фарзандини уришишга тили бормасди. Бунинг устига хотини бутун вужуди, юраги билан қизига ёпишиб олган эди. Узоқ йиллар тирноққа зор бўлиб не-не докторлар, табиб ва фолбинларга қатнаган ва ҳамма нарсадан умид узганида бўйида бўлиб, фарзанд кўрган ая Мунисхонга сиғиниш даражасига етган эди. У қизининг отаси ҳам борлигини, у ҳам таълим-тарбия ишларига фақат мактабда эмас, уйда ҳам алоқадорлигини унутган, ҳатто тан олмас эди. Хотинининг табиатини яхши билган Убайдулла ака кўп уринишлардан сўнг қўлини ювиб қўлтиққа урди. Аммо жуда ҳам койинди. Мунис тенгқурларига ўхшамасди: жуда эрка эди, сержаҳл эди... Қизига қараб туриб, ўзидан жуда кам ўхшашлик топарди. Қирра бурни, қалин қоши бир оз унга ўхшаб кетарди. Қолган ҳамма томондан бутунлай онасининг ўзи эди. Тошкентликка турмушга чиқмоқчилигини эшитиб, у хурсанд бўлди. Олис жой, ёлғизлик Муниснинг анча танобини тортиб қўяди, деб ўйлади. Хотини билан қаттиқ тортишди. Охири у айтгандек бўлди. Ая рози бўлди. Лекин эрига қулоқ солганидан эмас, қизининг бўйида бўлиб қолганидан, ноилож рози бўлди. Буни Убайдулла ака тўйдан кейин билди. Билди-ю, хуноб бўлмади. У шундай кетаверса, қизи бир кун уларни шарманда қилишига кўзи етарди. Йигит инсофли экан, шундай бўлмади. Унинг Раҳим Саидовга бошқача, жуда илиқ муносабатда бўлишининг сабабларидан бири ҳам шу эди. Раҳим Саидовни кўргандан кейин эса, қизидан ҳам хурсанд бўлиб қўйди. Куёв бир кўришдаёқ унга ёқиб қолди. «Ўзимга ўхшаган экан, юмшоқ, кўнгилчан», — хаёлидан ўтказди у ва айни вақтда унга ачинди ҳам. Қизига бундай йигит эмас — ўжар, қаттиққўл, унинг ўзига ўхшаб тутган ерини кесадиган одам эр бўлиши керак эди. Шунда Мунис попукдек бўлиб юриши мумкин эди. Бундай йигитнинг эса у бошига миниб олиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Тўйдан кейин Убайдулла аканинг бирдан-бир ташвиши — куёвини қўлдан чиқармаслик бўлиб қолди. Ўзича Раҳим Саидов ажралмас эди қизидан. Лекин дўст-биродарларининг маслаҳатига кириб кетиши мумкин эди. Шунинг учун Убайдулла ака ҳар бир масалада куёвининг ёнини олар, хотини сал ғингший бошласа, дарҳол ҳужумга ўтарди.
Қизига алоқадор бу сабаблардан қатъи назар, Раҳим Саидов унга одам сифатида ёқиб қолган эди. Битта йигит бўлса шунчалик бўлади-да, дерди икки гапининг бирида ва хотинига маслаҳат берарди:
— Қизингга айтиб қўй, бунақа эр кўчада ётмайди. Пул керак нарса, пулсиз ҳаёт бўлмайди. Лекин ундан қимматли нарсалар ҳам бор: обрў, виждон, ақл, маданият. Шунақа нарсалар борлигини биладими қизинг?
— Вой, мунча қизимни ерга урасиз? — зарда билан жавоб қиларди хотини. — Пул деб, нима, эрининг ҳиқилдоғидан бўғяптими? Ёш нарса, кийингиси, ўйнагиси келади-да. Ўша сиз айтган нарсалар қизимда ҳам ошиб-тошиб ётибди. Қопга солса оғзини ёполмайсиз!
Убайдулла ака гапни чувалатиб ўтирмасди. Хотинининг жаҳли чиққани, жиндек бўлса ҳам унга қўшилгани эди. Иккинчидан, ўша «оғзи ёпилмайдиган қоп»да нима борлигини яхши биларди. Ҳар қўл солганда биронта ташвиш чиқарди у қопдан. Мана, ҳозир ҳам янги ташвиш пайдо бўлганди...
Димоққа иссиқ нон ҳиди урилди. Остонада ая пайдо бўлди. Раҳим Саидов уни кўриши билан ҳайрон қолди. Тўла, қип-қизил мағиздек аёл бир ҳафтада чўпдек бўлиб қолган эди. Ўрнидан турди.
— Вой, Раҳимжон, келинг, болам!
Ая шундай деб унга юзланди-ю, йиғлаб юборди.
— Қандай кунга қолди бошим?.. Ёнизда Мунисимни кўргандай бўлиб кетдим!.. Болам, болагинам! Қайси уйга кирмай, шарақлаган кулгисини эшитаман, юракларим эзилиб кетади. Ёлғон бўлса-я, болам, Раҳимжон! Бошқа одамдир ўлган? У тирикдир? Мани ташлаб кетадими шунақа эзиб?..
Убайдулла ака ҳам, Раҳим Саидов ҳам у кўнглини бўшатиб олгунча жим, бошларини эгганларича туришди. Ая яна нималарнидир гапириб, қўлидаги рўмолга тугилган нонни токчага қўйди. Рўмол учи билан кўзларини артиб, ўтиришга таклиф этди.
— Эсон-омонмисиз? Ойиз, дадайиз тинчмилар?
— Раҳмат... Бир кўриб кетай дедим...
— Яхши қилибсиз, — ая шундай деди-ю, куёвининг келиши бежиз эмаслигини сезди. — Нима, йигирма ўтказасизларми? — У қошларини чимирди, афтидан жаҳли чиққан эди. — Мунча тез?
— Йўқ, йигирмани ҳали ўйлаганимиз йўқ. Мен... Убайдулла ака имо билан куёвини тўхтатди, ўзим айтаман, дегандек унга имлаб қўйди.
— Нима гап? — сабри чидамай сўради ая.
— Ҳеч гап йўқ, — деди Убайдулла ака. — Қотилларни қидиришаётган эмиш. Бугун Раҳимжонни чақиришибди.
— Ҳа, маълум бўлибдими?
— Ҳали йўқ. Топишади.
— Менга нима фойда? Топишгани билан қизим тирилиб келармиди?
Ая яна кўзига ёш олди.
— Менга қара, бу... марваридингни қизингга берганмидинг?
— Улгуролмадим, дадаси, улгуролмадим. Энди бераман деб турувдим.
Убайдулла ака кафтидаги дурларни хотини олдига ташлади.
— Манави эмасми?
— Йўқ, маники майда. Бу қатдан келиб қолди? Ая дурларни қўлига олиб кўрди.
— Бу кимники экан?
— Қизингники...
— Қизимники? Йўқ, унда дур йўқ эди. Ё олиб берибмидингиз?
Ая куёвига қаради.
— Йўқ. Ўзи олган.
— Бу қиммат туради-ку? Шунча пулни қаёқдан олибди?
— Сен бермаганмидинг? — сўради Убайдулла ака.
— Вой, менда пул бормиди? Ўлимлигимга атаб қўйганим бор. У урвоқ ҳам бўлмайди. Нима гап ўзи? Тинч-ликми?
Ая кўзларини пирпиратиб, бир эрига, бир хомуш ўтирган куёвига қаради.
— Қизингнинг ёнидан яна минг сўмга яқин мол чиқибди.
— Нима экан?
— Зирак, узук...
— Қудам берган зиракни биламан. У бунақа қиммат эмас. Никохда таққан узуги жуда арзон, эллик сўмми, олтмиш сўмми.
— Хўп, бу нарсалар қизингда қандай пайдо бўлиб қолди?
— Мен қатдан билай? Ўртоқ-пўртоғиникидир?..
— Суриштирдик, — деди Раҳим Саидов.
— Бирон-яримтадан қарз олиб берибмидинг? — тус-моллаб сўради Убайдулла ака.
— Вой, кимдан олиб бераман шунча пулни?
— Ростини гапир, даюс!
Убайдулла ака хонтахтага мушт урди. Раҳим Саидов қайнатасини бундай аҳволда биринчи кўриши эди, қўрқиб кетди.
— Қўйинг, дада! — деб уни қўлидан ушлади. Убайдулла ака парво қилмади. Куёвидан ҳам баттар қўрқиб кетган ая ўзини орқага ташлаб, эрига тикилганича қолган эди...
— Гапир, деяпман! Кимдан олгансан?
— Ҳеч кимдан олганим йўқ. Нима деяпсиз, ўзи? Олсам, сиздан яшираманми? — Зўрға, лаблари пирпираб жавоб килди ая.
— Ростми?
— Тепамда Худо турибди!
— Ёлғон бўлса, тилингни суғуриб оламан!
— Худо урсин, рост! Қариганимда алдаб ўлибманми? , — Бўлмаса ким берган қизингга буларни?
— Мен қатдан билай?..
Ўртага ноқулай жимлик тушди. Раҳим Саидов ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди, лекин уларни шу аҳволда ташлаб кетгиси келмади. Уларда нима гуноҳ? Улар ҳам ҳеч нарсани билмаган бўлишлари керак. Ҳа, билишмаган. Мунис ҳеч кимни ўз ишларига аралаштирмаган. У энди буюмларнинг қандай пайдо бўлганини аниқ биларди. Қизиқ, билади-ю Мунисга нисбатан ўзида ҳеч қандай нафрат сезмасди. У ўзидан нафратланарди, ўзининг аҳволидан куюнарди.
— Мен борай...
— Қаёққа? — Убайдулла ака куёвига ўгирилди.
— Кетишим керак...
Раҳим Саидов ўрнидан турди.
— Чой ҳам қўймадим сизга.. — деди ая.
— Раҳмат.
— Кузатиб қўяман. Нимада кетасиз?
Бунинг аҳамияти йўқ эди. Бирон нарса топилар. Улар олдинма-кетин кўчага чиқишди.
— Аэропортнинг олдида такси бўлади. Лекин қолсангиз бўларди.
Раҳим Саидов жавоб бермади.
Аэропортда сўнгги самолёт ўн минут олдин учганлигини, лекин битта ҳам бўш жой бўлмаганлигини айтишди.
— Такси бўлиб қолади, — деди Убайдулла ака.
— Сиз кетаверсангиз бўларди, — илтимос қилди Раҳим Саидов.
— Сиз билан кетгим келяпти-ю Тошкентга, иложим йўқ. Аянгиз ўзини бир бало қилиб қўйиши мумкин. Сиз олиб келган хабардан кейин у ўзини йўқотиб қўйди.
— Мени кечиринг.
— Сизда нима айб?.. — Убайдулла ака бош чайқади. — Сизда айб йўқ...
— Йўқ, айб менда... — Раҳим Саидов оғир хўрсинди. — Назаримда унга яхши қарай олмадим. Уни ўз ҳолига ташлаб қўйдим.
У шундай деди-ю, ҳақлигини англади. Чиндан ҳам хаёлидан ўтди унинг, Мунисни ўз ҳолига ташлаб қўймадими у? Унинг ишига аралашдими? Истаклари нима? Билишга қизиқдими? Эрталаб ишига кетди, кечқурун чарчаб қайтди. Уйида ҳам ўз ишини ўйлади. Мунис кун бўйи нима қилгани билан, қаерларда бўлгани билан иши бўлмади. У ўзи гапирса қулоқ солди. Саволларига холис, бафуржа жавоб берди, лекин шундан нарига ўтмади. Онаси ишлаётган мактабдан бўшагани эсида. Тўғрироғи, бўшаганини билмади, бўшаб, янги ишга кирганини билди. Буни ҳам Муниснинг ўзи айтди.
— Жуда зерикиб кетдим. Нуқул болалар, болалар! Мендан ўқитувчи чиқмайди.
— Бу ишингиз тузукми?
Раҳим Саидов командировкага тайёргарлик кўраётувди. Эрталаб учиши керак эди.
— Албатта. Муҳими, иш кам. Кабинет номигагина кабинет. Ҳамма керакли ўқиш қуроллари кутубхонада. Фақат маошдан ўн сўм ютқаздим.
— Пулни ўйламанг. Маошингизга мен қўшиб бераман. Ўзингиз хурсанд бўлсангиз, бўлди. Плашимни кўрмадингизми?
— Шифонерда бўлса керак...
— Топдим. Кабинетда экан. Қўрқмайсизми мен йўғимда? Раҳим Саидов хотинини қучоқлади.
— Ўргатиб қўйдингиз-ку! Мен айтган атласни албатта олиб келинг, бўлмаса, уйга киритмайман.
— Хўп бўлади. Қанақа эди?
— Ана, айтмадимми, эсингиздан чиқади деб?! Ёзиб олинг. Намозшомгул.
— Бўлди, эсладим...
Ҳар доим шундай эди. Унинг учун хотинининг ёнида ўтиргани, ишлаётганида тепасига келиб қоғозларига тушунмаса ҳам, ёш боладек иякларига муштларини тираб тикилиши кифоя эди. Тўғрироғи, у шуни истарди, бошқа нарса билан иши йўқ эди. Ўйга ҳам, хотинига ҳам ўз институтининг, ўз ҳаётининг бир қисми деб қарарди. Албатта, буни ўзи билмасди. Бир куни лабораторияда нима ҳам қилаётганида, ҳа, вилт тушган ғўзага иссиқликнинг таъсирини текшириб турганида Мунис телефонда чақириб қолди.
— Раҳимжон ака, бугун Фаридаларникига борамиз-а? Эсингиздами?
— Йўқ, нега борамиз?
— Ахир, бугун унинг туғилган куни! Эрталаб гаплашдик-ку! Мен совға ҳам олиб қўйдим. Индийский ваза. Жуда чиройлик. Нечаларда келасиз?
— Мунисхон, азизим, ўзингиз бора қолинг... Жуда иш кўп.
Мунисхон «уҳ» тортди.
— Битта ўзим бораманми?
— Нима қилибди, ўртоғингиз-ку?! Мен кутиб оламан. Кўчанинг оғзида тураман. Келишдикми?
— Келишдик, — хўрсинди Мунисхон. — Ўнларда қайтаман.
— Бўпти.
У ўнда эмас, ўн иккиларда қайтди. Раҳим Саидов хафа бўлгани йўқ. Ўзи шуни истаган эди. Хотини кечиқди, холос. Меҳмонга боргандан кейин, шу-да.
— Вой, Раҳимжон ака!.. — деди хурсанд ҳолда Мунис. Ундан енгил коньяк ҳиди келарди. — Бирам яхши бўлди. Жуда ачиндим бормаганингизга... Фариданинг эри шунақанги қувноқ одам экан... Кулдиравериб ичакларимизни узди.
— Хурсандмисиз, ишқилиб?
— Жудаям.
Раҳим Саидов шуларни ва шунга ўхшаш воқеаларни эслаб, ўзини гуноҳкор санай бошлаган эди.
— Ҳа, айб менда, — деди овозини чиқариб. — Уни ёлғиз қўйиб қўйдим. Бундай қилмаслик керак эди.
Убайдулла ака унинг гапини ўзича тушунди.
— Сиз уни эркин қўйиб қўйдингиз. Бунинг қадрига етмади у. Бўлди, ўғлим, ўзингизни қийнаманг. Биламан, сизга оғир. Менга ҳам оғир. Қизим бор, деб фахрланардим. Бир ҳафта бурун қизимдан маҳрум бўлдим, бугун эса... фахримдан...
Раҳим Саидов уни нима деб юпатишни билмади. Такси келди.
— Тошкентга борасизми?
— Неча кишисиз?
— Бир ўзим.
— Яна уч киши керак.
— Уларнинг ҳақини тўласам-чи?
Шофер бир оз ўйланиб турди-да, кейин қўлини силтади.
— Ўтиринг!..
... Тун қўйнига кирган шаҳар аста-секин уйқуга кета бошлаган эди. Катта йўлга чиқишганда, чироқлар камайди, Раҳим Саидовнинг чўнтагида ипга тизилган дурдек йўлнинг икки чеккасида милтиллай бошлади. Шофер газни босди. Машина бир-икки энтикиб, қушдек учиб кетди.
Раҳим Саидов ўз хаёллари билан банд бўлиб, Пўнканга етганларини, олдинда қорайиб тоғнинг баланд-паст қоялари кўрина бошлаганини пайқамай қолди. Довонга чиқаётганларини эти жунжикиб, совуқ ея бошлаганидан билди. Беихтиёр елкаларини силай бошлади.
— Орқангизда костюм бор, ташлаб олинг, — деди шофер.
Раҳим Саидов уялиб турган эди, ўзи олиб берди.
— Анча енгил чиқибсиз, шамоллаб қолманг тағинг... Раҳим Саидов пиджакни елкасига ташлади. Бирпасда баданига илиқлик югурди.
— Иш зарурми, дейман, кутгингиз келмади?
— Ҳа, кетиш керак бўлиб қолди.
— Чекинг... — шофер «БТ» қутисини узатди. — Бирларда Тошкентда бўламиз.
Раҳим Саидовга бунинг аҳамияти йўқ эди. Унинг хотинининг уйидан тезроқ чиқиб кетгиси келган эди, ниятига етди. Энди эрталаб Тошкентга кириб боришса ҳам майли.
Машина қийналмасдан довоннинг тепасига чиқди. Чойхона олдида икки-учта машина кўринди.
— Қорин қалай? - сўради шофер.
— Нима эди?
— Кечаси шу ерда овқат қилишади. Еб кетсак...
— Майли.
Улар чойхонага киришди. Дераза ёнида уч-тўрт киши овқатланиб ўтиришарди. Бошқа ҳеч ким йўқ. Шоферга таниш чиқиб қолишди шекилли, улар билан сўрашиб кетди. Раҳим Саидов бурчакдаги стол ёнига ўтирди. Чойхоначи бола дарҳол чой, қанд олиб келди.
— Овқатланасизми?
— Ҳа. Иккита лағмон бер.
У бир пиёла аччиқ кўк чойни ичиб бўлганда, шофер ёнига келди.
— Зерикмаяпсизми? Ҳозир биттадан лағмон еймизу, йўлга тушамиз. Шундоғ эшигингизнинг тагига олиб бориб қўяман.
Чойхоначи бола иккита тўла коса лағмон олиб келди. Саримсоқ, райҳон ҳиди димоққа урилди.
— Шу ерда яхши тайёрлашади, — деди шофер. — Қани, олинг... Мен лағмонни яхши кўраман... Раҳматлик хотиним яхши тайёрларди.. Еб тўймасдим...
Раҳим Саидов шоферга қаради. У ўрта яшар, қирқларга борган бўлса керак...
— Тўрт ой бўлди ўлганига. Бешта бола билан қолдим, — шофер иштаҳа билан овқатлана бошлади. — Учтасининг эси кириб қолган. Иккитаси ёш. Биттаси боғчада, биттаси яслида. Шунинг учун ҳам кечаси ишлайман. Ҳа, мазангиз йўқ? Олинг! Кўз-қулоқ бўлиб турмасам бўлмайди, ҳаммаси ўғил... Одамдек чидамли махлуқ бўлмас экан. Ўлиб қоламан, девдим ғамдан. Йўқ, кўникиб кетдим. Бир ой ётди шўрлик. Ранги-боши жойида, нималигини қазосидан кейин билишди. Мия раки бўлган экан. Емадингиз-ку?
— Бўлади шу.
Раҳим Саидов қўлидаги қошиқни деярли бузилмаган косага солди.
— Кетдик бўлмаса, — шофер фотиҳага қўл ёзди. — Йигит ўлмайлик. Омин!
Раҳим Саидовнинг шоферга ҳаваси келиб кетган эди. Қандай одамлар бор-а, дунёда! Улар қандай яшаш, нима қилиш кераклигини билишади. Уларнинг ҳар бир қадами режали. У шундай ўйлаб, бошидан ўтганларнинг ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлди, шу забардаст одамнинг маслаҳатини олмоқчи бўлди, лекин негадир юраги дов бермади. Лозиммиди шу? Наҳотки ўз елкасидаги юкни ўзи кўтара олмаса?
Олдинда шернинг ҳайкали оқариб кўринди.
— Шу ерда тўхтатинг, — илтимос қилди у.
Шофер машинани четга олди. Раҳим Саидов чўққиларга тикилиб турган шернинг олдига келди. Шу ерда у Мунисни кўрган эди. Шу ерда, бахтимни топдим, деб ўйлаган эди. Кўз олдига ўша биринчи марта кўргандаги Мунис келди. Мана, у қўлларини белига тираб турибди... Ёш, келишган, қувноқ...
«— Мени олиб кетинглар... Зарур ишим бор эди Тошкентда...»
«— Куёв бола ёлғиз қолар экан-да?» «— Вой, нега ундай дейсиз? Жияним-ку?» Мунис, уялмайсизми, дегандек унга қаради. Унинг шун-дай қарашини Раҳим Саидов яхши кўрарди. Шунинг учун ҳам қанчалик аччиқ гапларни эшитмасин, қанчалик жаҳли чиқмасин, шундай қарашини кўриши билан эриб кетарди, бағрига босиб, чўччайган лабларидан ўпарди. Тошкентда бўрон турди. Уч йил бўлди шекилли шунга. Институт ҳовлисида симлар бир-бирига урилиб, чарақларди, мўрт дарахтларнинг шохлари синиб тушди. Кейин дўл ёғди. Ундан кейин ёмғир. Раҳим Саидов кабинети деразасидан қараб турарди. Ҳовлида зонт тутган аёл пайдо бўлди. Сариқ ранг этигидан таниди. Мунис эди. Югуриб чиқди. Хотини плаш олиб келган эди.
— Эрталаб айтдим-ку, кийиб кетинг, деб? — зарда қилди у.
Раҳим Саидов зонт остига бошини суқиб, хотинининг чўччайган лабларидан ўпди.
Хотини ҳозир ҳам унинг тепасида зонт ушлаб тургандек бўлиб кетди назарида. У сесканиб атрофига қаради. Тилсиз, бир оёғи синган шер чўққиларга қараб турарди.
— Мунис... Мунис... нима қилиб кетдинг?..
Ҳеч ким жавоб бермади. Мунис ўз сирини ўзи билан олиб кетган эди.

7

Капитан Алиев сержант Қорабоев ва лейтенант Султоновлар олиб келган суратларни солиштирди. Ўн олти-ю қирқ тўртинчи уйда турувчи одам ҳам, «Гулчеҳра» тайёр кийимлар магазинининг бош товароведи ҳам бир одам эди: Анатолий Назарович Оллоёров.
Лейтенант Султоновнинг аниқлашича, у шу магазинда уч йилдан бери ишлайди. Обрўйи яхши. У келгандан бери магазин планини ортиғи билан бажарадиган бўлиб қолди. Ўтган йили ҳатто район кўчма Қизил байроғини олди. Хушмуомала, чаққон, жуда интизомли одам. Хуллас, магазин директори уни жуда мақтади.
Маҳалладан олинган маълумот ҳам уни анча-мунча шубҳадан холи одам қилиб кўрсатди. Тўрт йил бўлибди Самарқанд дарвозага кўчиб келганига. Қаердан келган — буни маҳалла комиссиясининг раиси айтиб беролмади. Мўмин, қобил, анчайин маҳаллагўй одам, деди у. Ўтган йили маҳаллада ишлатиш учун йигирма чинни чойнак, юзта пиёла олиб берди. Текинга. Айтилган жойдан қолмайди. Жанозаларда тобутни биринчи шу кўтаради. Кекса онаси бор. Бечора, кўр. Шунинг учун маҳаллага аралашмайди, доим уйда. Бир-икки тўйга айтиб кўрилди, чиқмади. Тўпахўжанинг ўзи ҳам (унинг асли исми шундай эди) у кишини безовта қилманглар, қийналади, деди. Шу-шу унга тегилмайди.
Капитан Алиев Оллоёровни чақиришга қарор қилди. Ундан олдин қоровул аёлга унинг суратини кўрсатмоқчи бўлди. Ким билади, балки танир? Ўша қора портфель кўтарган одам шудир?
Қоровул аёл ўзини кўп куттирмай ғириллаб келди. Суратга узоқ тикилиб туриб:
— Шу! — деди қатъий оҳангда. — Танидим, шу, яшшамагур!..
— Ўзи билан юзлаштирсак, сўзингиздан қайтмайсизми? — сўради капитан.
— Мени ким деб ўйлаяпсиз? — Хафа бўлди қоровул аёл. — Раҳматлик амакингиздан ҳам кўрқмаганман! Амакингизни жаҳли ёмон эди. Бир ўқрайса борми, одамни юраги чиқиб кетарди!..
— Бўпти бўлмаса! — деди капитан. — Эртага ўн бирга машина юбораман. Келиб кетасиз.
— Шу ўлдирганми? — сўради қоровул хотин қизиқиб.
— Буни ҳали ҳеч ким билмайди. Балки шунчаки танишдир?..
— Силарниям ишийла оғир...
Эртаси куни эрталаб, капитан белгилаган вақтда Оллоёров келди. Алиев унга қаради-ю, Раҳим Саидовнинг хотини берган характеристика эсига тушди. Сўлахмондай бурни... соқол-мўйлаби яхшилаб қирилган бўлса ҳам, шундай қорайиб турибди. Охирги тугмаси солинмаган финкасидан кўкрак юнглари чиқиб турибди.
— Келинг, гражданин Оллоёров! — Капитан рўпарасидаги креслони кўрсатди. — Марҳамат.
— Раҳмат.
Оллоёров ўтирди. Унинг овози йирик гавдасига ярашмаган ингичка эди.
— Нима учун чақирганимизни биласизми?
— Мутлақо хабарсизман, ўртоқ капитан... Оллоёров ўрнидан турмоқчи эди, капитан қўлини кўтарди.
— Ўтираверинг, ўтираверинг. Чекасизми?
Капитан олдидаги сигарет қутисини Оллоёровга тутди.
— Чекмайман, кечирасиз.
«Характеристика тўғрига ўхшайди, — хаёлидан ўтказди Алиев. — Ўта мулойим».
— Биз сизни гражданка Мунис Саидова масаласида чақирдик. Сиз уни билармидингиз?
Капитан унга тикилиб қаради. Аммо унда ҳеч қандай ўзгариш сезмади.
— Мунис Саидова? — сўради у. — Биринчи эшитишим. Ким экан у? Билсам бўладими?
— Ҳа. Мижозларингиздан. У сиздан мол олиб турган, кофта, туфли.
— Кечирасизу, эслолмаяпман. Оллоёров хижолат чеккандек жилмайди.
— Наҳотки билмасангиз? — ўз навбатида самимий, ҳайрон бўлиб сўради капитан. — Магазинингизга у кўп қатнаган бўлиши керак?
— Ўлай агар, эслолмаяпман. Биласиз-ку, бизнинг магазин чорраҳада. Одам кўп. Айниқса, аёллар. Ҳеч эслолмаяпман.
— Манави аёлни танияпсизми?
Капитан Оллоёровга Мунис Саидованинг суратини узатди.
— Танишга ўхшайди. — Оллоёров суратни кўзига яқинроқ олиб бориб қаради, узоқроқдан томоша қилди. — Кўргандекман. Қаердадир кўргандекман. Магазинда бўлса керак, албатта. Саидова шуми?
— Ҳа, — деди капитан ва суратни ундан олди. — Демак, қаердадир кўргансиз? Аниқроғи, магазинда?
— Ҳа-ҳа, шундай бўлиши керак. Нима эди, ўртоқ капи-тан, тинчликми?
Алиев жавоб бермай, ўчиб қолган сигаретини тутатди.
— Аёллар қизиқ, — деди Оллоёров креслога суяниб, жилмайди. — Ҳеч яхшилик қилмай дейману, кўнгил бўшлик қилиб қўяман, кейин бошим ғалвадан чиқмайди.
— Саидовага қандай кўнгил бўшлик қилган эдингиз?
— Билмасам, — хотиржамлик билан жавоб берди Оллоёров. — Одатдагидек, бирон нарсани беочеред олиб бергандирманда... Суратига қараганда, яхши аёлга ўхшайди...
— Ҳа, чиройли аёл, — унга қўшилди капитан. — Демак, у билан танишмассиз? Фақат кўргансиз, холос?
— Худди шундай, ўртоқ капитан. Нима, — Оллоёров сирли оҳангда капитанга энгашиб сўради, — бирон чатоқлик қилиб қўйибдими?
— Мунис Саидова... Мунис Саидовани ўлдириб кетишибди.
— Йўғ-э! — Оллоёровнинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди. — Нега? Қачон?
— 21 август кечаси, — капитан унга яна жиддий тикилди.
Бу гал Оллоёров дош беролмай кўзини четга олди.
— Аттанг!.. Ёш экан!.. — Оллоёров бошини сарак-сарак қилди. — Бечора увол кетибди. Ота-онаси қақшаб қолибдида, аттанг, аттанг! Бола-чақаси бор эканми?
— Йўқ. Ёлғиз эри, холос.
— Барибир жабр бўлибди, аттанг... Қотил топилдими, ўртоқ капитан?
— Қидиряпмиз...
— Ҳа, ярамаслар!.. — Оллоёров муштини тугди. — Хулиганлар! Бунақаларни топиш ҳам ҳазил гап эмас. Одам ўлдиради-ю, мана мен, деб турармиди?! Аллақачон қочиб кетгандир?..
— Шу ерда бўлиши ҳам мумкин, — деди капитан. Оллоёров ялт этиб унга қаради-ю, дарров кўзини олди.
Бошқа одам буни сезмаслиги мумкин эди, лекин зажигалкасини ўйнаб ўтирган капитан Алиев сезди ва бепарволик билан суҳбатдошидан сўради:
— Нима дейсиз?
— Бўлиши мумкин, — рози бўлди Оллоёров. — Менга бир воқеани айтиб беришган эди. Бир одамнинг уйидан хотинининг тилла асбоблари йўқолибди. Ўзи бориб милицияга хабар берибди. Бир ой ўтгач, милиция ўғрини топибди. Ким экан? Ўзи! Бўлиши мумкин.
— «Победа»нгиз қани? — сўради тўсатдан капитан.
— Машинами?
 — Ҳа.
— У, у жуда эски эди. Комиссион магазинга топшириб, «Москвич» олганман. Бу ҳам эски. Лекин юрса бўлади. Нима эди, ўртоқ капитан?
— Қандай газеталарга обуна бўлгансиз?
— Кечирасиз, ўртоқ капитан! Бу нима, сўроқми? Оллоёров ўрнидан туриб кетди.
— Нимага асосланиб мени сўроқ қиляпсиз?
Капитан столи остидаги қўнғироқ тугмасини босди. Сек-ретарь қиз кирди.
— Гувоҳ Шокировани олиб киринг! Қоровул хотин кирди.
— Ўртоқ Шокирова, Чорсу трамвай бекатида Мунис Саидова билан кўрган кишингизни таний оласизми?
— Нега энди танимас эканман?
— Бу одам ким? Танияпсизми?
— Танимай ўлибманми?! Бу ўша Саидова билан Чорсудаги трамвай тўхтайдиган жойдан Самарқанд дарвозага қараб кетган одам! Қўлида катта қора портфели ҳам бор эди. Ҳозир кўрмиёпман.
— Адашмаяпсизми?
— Кўр эмасман, укам.
— Қачон кўрдингиз?
— Кечқурун, саккиз билан тўққизнинг орасида. Капитан Алиев Оллоёровга ўгирилди.
— Бу кишига саволингиз борми?
Оллоёров ҳамон юзидаги биронта ажини титрамай, бошини қимирлатди.
— Хўп, опа. Раҳмат. Сизга раҳмат.
Қоровул хотин бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, секретарь қиз қўлидан тортди.
— Хўш, энди нима дейсиз? — сўради капитан улар чиқиб кетишгач.
— Нима десам бўлади... — Оллоёров қўлларини ёйиб, капитанга қаради. — Хато қилдим. Бошида ростини айтсам бўларди. Ишонинг, ўртоқ капитан, қўрқиб кетдим.
— Нимадан? Нимадан қўрқдингиз?
— Ўзингиздан ўтадиган гап йўқ, ишимиз нозик, савдо иши. Танирдим, Мунис Саидовани. Тўғриси, Саидовалигини билмасдим. Фақат номини билардим. Мунис, Мунисхон. Жуда келишган, хуштабиат аёл эди. Ясан-тусанни яхши кўрарди. Бир марта келди ялиниб, икки марта келди. Раҳмим келди. Одамгарчилик юзасидан унга ул-бул олиб бергандим. Бечора, доим хурсанд бўлиб кетарди.
— Уйингизга ҳам борармиди?
— Бир-икки марта борган. Анави аёл тўғри гапиряпти. Тирикчилик, баъзи ноёб нарсалардан уч-тўрттасини олиб қўяман. Уйдан олиб кетишади. Албатта, таниш-билишлар. Саидова ҳам бир-икки марта борган. Кечиринг, ўртоқ капитан, иккинчи бу номаъқулчиликни қилмайман. Қари, ногирон онам бор. Шунинг ҳурмати, кечиринг.
Капитан унинг кўзида ёш кўриб, ижирғаниб кетди.
— Охирги марта уни қачон кўрган эдингиз?
— Ҳозир, ҳозир эслайман... — Оллоёров шоша-пиша лабларини осилтириб, муштлари билан кўзларини артди. — Буни қаранг, ҳеч эсимга келмаяпти... Ҳа, хотирладим, августнинг бошларида.
— Нима бердингиз?
— Сотдинг, денг?
— Хўп, сотдингиз?
— Ўлай агар, эсимда йўқ. Ўртоқ капитан, кечиринг, эсимда йўқ. Рухсат берсангиз, эртага билиб келаман нима олганини. Э Худо, нима кунга қолди бошим?! Шундан кейин, яхшилик қилай бировга... аҳмоқ!
Оллоёров пешанасига урди.
— Оғир бўлинг, гражданин Оллоёров. Демак, эслолмаяпсиз?
— Худо урсин, агар эсласам!
Капитан тортмадан узукли қутичани чиқарди.
— Энди эсладингизми?
— Ўртоқ капитан! Бизнинг магазинда фақат кийим-кечак сотилади. Бу нарсани мен биринчи кўришим.
—  Наҳотки?
—  Ишонинг, ўртоқ капитан. Биринчи марта кўриб турибман. Бу ҳам Саидовадан чиқдими?
— Ҳа.
— Тавба, у демак, у жуда ҳам ночор эмас экан-да. Менга доим шикоят қиларди. Молни ҳам, иложи борича, қарзга олишга ҳаракат қиларди...
— Берармидингиз?
— Иложим қанча? Бечора «йўқ» десам, дув этиб кўз ёш тўкарди. Раҳмим келарди, ўртоқ капитан! — Оллоёров кўкрагига қўлларини қўйиб, илтимос қилди: — Менинг гумоҳимдан ўтинг, иккинчи бунақа бемаза ишларни қилмайман. Шайтон йўлдан урди, ўртоқ капитан! Онам ёлғиз, бунинг устига кўрмайдиган бўлиб қолган. Раҳм қилинг!..
Капитан ўйга толган эди. Нима қилиш мумкин? Аввало шундай бўлишини, Оллоёров тонишини билган эди. Хўп, уни Саидова билан бирга кўришган. Нима бўлибди? Ҳатто фожиа куни бирга бўлган бўлса ҳам, уни айблаш мумкин эмас. Қўлда ҳеч қандай далил йўқ. Унинг олиб сотарлиги эса фожиага алоқасиз. ОБХСС шуғулланади бу иш билан. Ҳозир уни қўйиб юборишдан бошқа илож йўқ. Фақат шундай кўйиб юбориш керакки, у чўчимасин, уни кузатишимизни ҳам сезмасин.
У ўрнидан туриб, кабинетнинг у бошидан-бу бошига юра бошлади. Оллоёров ундан кўзини узмасди. Анчадан Сўнг капитан унинг олдида тўхтади-да:
— Хўп, бўпти, сизга рухсат, — деди.
Оллоёров эшикка отилди. Лекин нимадир эсига келди шекилли, тўхтади.
— Ўртоқ капитан! Ишимдагилар нима дейди?
— Агар ўзингиз айтмасангиз?..
— Тушундим, ўртоқ капитан. Раҳмат. Оллоёров чиқиб кетди.
«Ҳа, бу одам билан эҳтиёт бўлиш керак, — хаёлидан ўтказди Алиев. — Илинтирадиган нарса қўлимда йўқлигипи сезяпти. Бир жиҳатдан чақирганим яхши бўлди. Тинчлигини йўқотди энди у. Бирон ножўя ҳаракат қилиб қўйиши мумкин. Қилмаса-чи?»
У радиорубкани қўйди.
— Лейтенант Султонов!
— Эшитаман, ўртоқ капитан?
— Оллоёровнинг ҳозир қаёққа боришини кузатиш керак.
— Хўп бўлади.
— Рўзиев келмадими?
— Йўқ ҳали, ўртоқ капитан.
— Бўлмаса яна битта топшириқ: Оллоёров августнинг 13-14- да қаерда бўлган, аниқлаш керак.
— Аниқланган, ўртоқ капитан.
— Хўш?
— Оллоёров 13—14 августда ишда бўлмаган.
— Қаерда бўлган?
— Самарқандда, ўртоқ капитан.
— Нега илгари айтмадингиз?
— Кечирасиз, ўртоқ капитан. Ҳозир билдим. Унинг машинасини Жиззахдаги автоинспекция тўхтатган.
— Нега?
— Тезликни оширгани учун.
— Раҳмат. Топшириқни бажаринг.
— Хўп бўлади, ўртоқ капитан!..
«Оллоёров Самарқандда бўлган. Демак, узукни у сотиб олган, деб фараз қилиш мумкин. Саидовага совға қилган. Нега?..»
Капитан қанча ўйламасин бу саволга жавоб тополмади. Унинг тахминлари кўп эди. Биринчи тахмин — муҳаббат. Оллоёров Саидовани яхши кўриб қолади. Уни қўлга олишга ҳаракат қилади. Саидова кўнмайди, эри бор. Буни Оллоёров ҳам билади. Нима қилиш керак? Саидованинг молга ўчлигини пайқаган Оллоёров қимматбаҳо совғалар қила бошлайди. Афтидан, Саидова шунга кўникади, кейинчалик эса ўрганиб қолади. Нега эридан ажрамайди? Шундай қилиши осон эди. Эр-хотинни боғлайдиган болалар йўқ ўртада. Бунинг устига Оллоёров ёлғиз. Балки унга уйланишни Оллоёров истамагандир? Шундай яшаш унга қулай туюлгандир?
Капитан олдидаги қоғозга нимадир ёзмоқчи бўлди, лекин унинг бўш ери қолмаган эди. Тортмадан янги қоғоз олиб, битта белги қўйди. Диққат билан қаралганда бу белги ўқ-ёй тешиб ўтган юракни эслатарди.
Иккинчи тахмин — Саидованинг ўзи. Оллоёров у билан ишқий алоқада бўлмаган. Саидова ундан қарзга мол ола бошлаган. Ниҳоят, қарз кўпайиб кетган. Оллоёров унга ишонмай кўйган. Фожиа шунда юз берган. Капитан яна бир белги қўйди. Бирпасдан сўнг унга савол қўйди.
Капитанни чуқур ўйлатиб қўйган учинчи бир тахмин ҳам бор эди. Улар ишқий алоқада бўлган бўлишлари мумкин. Оллоёров ўзи шу нарсаларни совға қилган. Саидова олган. Лекин эвазига нима берган? Ўзиними? Наҳотки у шунчалик қиммат турса? Оллоёровнинг атрофида чиройли аёллар кўп бўлган, ҳозир ҳам кўп. Нега у Саидовани танлади? Пулга ўч одам бекордан-бекорга серҳаражат бўлмайди.
Капитан қоғозга «ш» ҳарфидек учинчи белги қўйди-да, уни доирага олди.
Старший лейтенант Рўзиев кирди.
— Хўш?
— Оллоёров асли урганчлик. 31-йилда туғилган, — деди Рўзиев папкасини очиб. — 60-йилда уйланган. Икки йил туриб, хотини билан ажрашган. «Ургенч» ресторанида буфетчи бўлиб ишлаган. 60-йилдан 61-йилнинг октябригача. Кейин Тошкентга кўчиб келган. Бу ерда аввал 2-таксопаркда шофер бўлиб ишлаган. Сиртдан савдо техникумида ўқиган. Ўқишни битириб, Эски Жўва бозоридаги «Тоҳир ва Зуҳра» магазинида сотувчи бўлиб ишлаган. Халқ хўжалиги институтига сиртдан ўқишга кирган. 1967 йили уни Марказий универмагга товаровед қилиб олишган. 68-йилнинг апрелида Ўрта ер денгизи бўйлаб туристик саёҳатда бўлган. Ўша йили, у институтни битиргач, бош товаровед бўлиб «Гулчеҳра» магазинига тайинланган. Судланмаган. Уч марта министрликнинг фахрий ёрлиғи билан мукофотланган. Чет элга чиқаётганда берилган характеристика ҳам жуда яхши. Шахсий делосида турибди. Хуллас, тоза одам.
— Демак, тоза одам... — деди капитан ўйланиб.
— Худди шундай, ўртоқ капитан! — тасдиқлади Рўзиев.
— Сиз ўзингиз нима дейсиз?
— Бир нарса дейиш қийин, Собир ака... Радиорубканинг кўк чироғи ёнди.
— Эшитаман, — деди капитан.
— Ўртоқ капитан! — лейтенант Султоновнинг овози эшитилди. — Оллоёров магазинга келди.
— Жуда яхши. Анваржон, уйига одам қўйинг. Қачон бўлса ҳам уйига яқинлашганида, хабар беришсин.
— Хўп бўлади.
— Ҳа, бир нарса дейиш қийин... — Капитан Рўзиевга ўгирилди. — Ўртоқ Рўзиев! Яна бир иш қолди. Саидова сўнгги бир йил ичида нима қилган, нима билан қизиққан, албатта ишдан кейин, шуни аниқлашимиз керак.
— Бу анча қийин...
— Лекин бошқа иложимиз йўқ. Биласизми, мен нимани ўйлаяпман. Шундай қимматбаҳо нарсаларни фақат аёллиги учун олганмикан ёки бошқа бирор хизмат эвазигами? Агар шундай бўлса, у қандай хизмат? Қотил ана шунда топилади. Ўзингиз ўйлаб қаранг. Эри билан ўзининг маошини кўшганда ҳам бу нарсаларни ололмаслиги, жуда бўлмаганда ярмисини, амри маҳол. Бунинг устига Саидов, билмайман, деяпти. Оллоёровдан кўра унга ишонч кўпроқ. Бундан ташқари, биз унинг эрталаб уйидан чиқиб кетганича хотинини бошқа кўрмаганини биламиз. Қўшила оласизми шунга?
— Ҳа, ўртоқ капитан.
— Саидова соат бир яримдан кейин қаерда бўлган? Кимлар билан учрашган? Бу ҳамон бизга қоронғи. Оллоёров тоняпти. Балки рост гапираётгандир, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Агар биз унинг қизиқишларини, нима билан шуғулланишини билсак, масала анча равшан бўлади.
— Бунга бир неча кун кетади.
— Турган гап. Икки кун сизга муҳлат. Бутун аппаратни ишга солинг. Истасангиз, Султоновни ҳам олинг.
— Ўзимиз уддалаймиз. Бораверайми?
— Ҳа.
Капитан у билан хайрлашди-да, секретарни чақирди.
— Менга ўсимликлар биологияси институтининг ҳамма материаллари керак. Биринчи галда институт фаолиятига доир...
— Хўп бўлади.
Капитан тушки овқатдан сўнг кабинетига қайтиб кирганида столнинг устида турли хил брошюралар, диаграммалар, авторефератлар қалашиб ётарди. Бир чеккадан у брошюраларни варақлашга киришди. Ўсимликлар экспериментал биологияси институти республикадаги янги илмий муассаса эканлигини у биларди. Қисқа муддат ичида селекционерлар, биохимиклар талай ишлар қилиб қўйишганидан, юзаки бўлса ҳам, хабари бор эди. Пахтанинг янги, вилтга чидамли сортлари шу институтда етиштирилди. Икки юз минг гектардан ортиқ ерда шу пахта экилди, яхши ҳосил кўтарилди. Бундан ташқари, институт химиклар билан ҳамкорлиқда вилтнинг ўзини йўқотадиган препарат устида муваффақиятли иш олиб бораётгани ҳам капитанга маълум эди. Саидов шу ишга алоқадор. Аммо препарат тайёрми, йўқми, ҳали номаълум эди.
Алиев брошюралар орасида вилтга чидамли пахта сортлари «Тошкент — I, «Тошкент — II» ҳақидаги мақолаларни кўрди. Лекин янги препарат ҳақида ҳеч нарса топмади. Бу албатта тушунарли эди. Биринчидан, эксперимент ҳали тугагани йўқ, иккинчидан, уни овоза қилишга ҳожат йўқ эди.
Алиев шу ҳақда ўйлар экан, старший лейтенант Абдуллаев билан гаплашиб олишни миясига тугиб қўйди.
Брошюраларни тугатиб, қўлига энди битта авторефе-ратни олган эди, лейтенант Султонов кириб қолди.
— Ўртоқ капитан! Оллоёров ўз «Москвич»ида Эски шаҳар томон кетди. Сержант Қорабоев уни кузатиб боряпти.
— Жуда яхши.
— Яна бир янгилик! — деди лейтенант.
— Хўш?
— Самарқанддан хабар келди. 14 август куни сотилган узукни Оллоёров олган экан. Магазинчи унинг суратидан танибди.
— Бу чиндан ҳам янгилик! — Капитан севиниб кетди. — Раҳмат, Анвар! Чек квитанцияси сиздами?
— Ҳа.
— Манави қутичадаги из билан солиштиринг. Боя Оллоёровга ушлатдим.
Капитан узук қутичасини лейтенантга узатди.
— Энди у биздан қутулолмайди! Лекин барибир... ба-рибир қотил маълум эмас. — Капитан ўрнидан турди. — Қўлимизда яна бир далил бор. Бу, газета парчаси. Агар шу ҳам тўғри чиқса, унда ишимиз анча юришади.
— Ўртоқ капитан! Қотил... Оллоёров деб ўйлайсизми? — сўради лейтенант.
— Ҳозир бир нарса дейиш қийин... Радиорубканинг кўк чироғи ёнди.
— Капитан Алиев эшитади.
— Ўртоқ капитан, сержант Қорабоев гапиряпти. «Мос-квич» Самарқанд дарвоза томон йўл олди. Буйруғингизни кутаман.
— Мен етиб боргунча кузатинг.
— Есть, ўртоқ капитан!
— Тўхтанг! Агар мендан олдин уйга етиб борса, киритмай туринг. Эшитдингизми?
— Эшитдим, ўртоқ капитан! Машина ҳужжатларини суриштириб тураман.
— Бўпти!
Капитан лейтенантни ўз ўрнида қолдирди-да, шошиб кабинетдан чиқди.
Самарқанд дарвозага етиб келганида, кўчанинг оғзида машиналар қалашиб ётарди. Нима бўлганини тушунмай, шу ерда машинадан тушди. Ўттиз метрча юрганидан кейин кўндаланг турган қизил «Москвич»га кўзи тушди. Унинг олдида қорачадан келган, жиккак сержант турарди. Капитанни кўриб честь берди, бошқа иложим йўқ эди, дегандек елкаларини қисиб қўйди. Машина ичида терга ботган Оллоёров турарди. У зўр бериб машинасини қайирмоқчи бўлар, йўлнинг торлиги, одамлар бунга халақит берарди.
— Нима бўляпти? — сўради баланд овозда капитан.
— Правасиз ҳайдаяпти, ўртоқ капитан, — деди сержант.
Капитанни кўриб, Оллоёров машинадан чиқди.
— Ўртоқ капитан, правам бошқа кийимимда қолиб кетибди. Уйим шу ерда. Олиб чиқай десам, қўймаяптилар.
— Ўртоқ сержант, бу гал кечиринг.
Сержант тушунди ва Оллоёровга ўқрайиб қаради.
— Иккинчи бундай бўлмасин.
— Кетаверинг, сержант.
Капитан шундай деб сержантга маънодор қараб кўйди.
— Раҳмат, ўртоқ капитан.
Одамларнинг эътиборини тортмаслик учун капитан бошини қимирлатиб йўлга тушди. 16/44 рақамли кўк дарвоза олдига келганда тўхтади. Бир оздан сўнг Оллоёров ҳам машинасида етиб келди.
— Меҳмонни қабул қиласизми?
— Ие, марҳамат, марҳамат!
Оллоёров худди хурсанд бўлгандай машинадан тушди, лекин ўйнаб турган кўзларидан уни ваҳима босганлигини капитан дарров пайқаб олди.
Оллоёров дарвозани очиб, машинасини ҳовлига олиб кирди.
— Қани, марҳамат!
Капитан ичкарига кирди. Ҳовли тор эди. Икки туп олма, битта, деярли бутун ҳовлига соя ташлаб турган ўрик... Дарахтларнинг тагига беда сепилган. Анчадан бери қаровсиз қолган шекилли, бедани сассиқ ўт, чим, қиёқ босиб кетган эди. Умуман, ҳовли кўчиб кетган одамнинг ташландиқ уйини эслатарди. Тўрда кичкина икки устунли ровон кўринди.
— Қани, хуш кўрдик, — шу томонга бошлади Оллоёров.
Улар ровонга кўтарилишганда, капитан бурчакдаги хонтахта ёнида ўтирган кампирни кўриб, чўчиб кетди. Кампир унга тикилганича, худди ҳайкалдек қотиб қолган эди.
— Эна, меҳмон келди, — деди Оллоёров. Капитан салом берди.
Кампир юзидаги ажинлари тортилиб, тамшанди.
— Кўрмайдилар, — тушунтирди Оллоёров ичкари хонанинг эшигини очар экан.
— Нима қилган? — сўради капитан ичкарига кирганда.
— Э, сиз сўраманг, мен гапирмай!.. Ғамнинг изи, ғамнинг. Дадамдан қорахат келгач, бу кишини қуритди...
Бу хона анча дуруст эди. Деворда ҳам, полда ҳам гилам... Бир кишилик қизил мебель... Буфетда ҳар хил хрусталь идишлар...
— Қани, ўтиринг! — таклиф қилди Оллоёров қизил материал қопланган креслони кўрсатиб.
Капитан ўтирди.
 — Чой ичасизми, ё... — Оллоёров буфетга ишора қилди.        — Муздек вино жуда кетадида ҳозир!
Капитан эътироз билдириб улгурмасидан Оллоёров чиқиб кетди. Бирпасда у бир қўлида бир лаган тарвуз, бир қўлида болгар виносини кўтариб кирди. Буфетдан фужерлар олиб қўйди.
— Марҳамат. Соғ бўлинг, ака!
Капитан бир қултум винодан ичди, фужерни қўйди. Унинг кўзи китоб шкафига тушди. Флобер, Мопассан, Чехов танланган асарлари. Ойна тагидагилари кўринмади.
— Китобни яхши кўрасизми, дейман?
— Ким китобни ёмон кўради, ака? Яқинда «Ўтган кунлар»ни яна бир ўқиб чиқдим. Ана китоб!.. Қойилман, ёзувчисига.
— Газета, журналлар ҳам олиб турарсиз унда?
— Албатта. «Гулистон» оламан, «Правда Востока», «Тошкент оқшоми»...
— Ҳа, дуруст, «Тошкент оқшоми»га бир асар чиқа-ётувди.
— Шпион ҳақидами? Ўқидим. Яқинда тугади. Зўр асар экан. Шу бизнинг чекистларимизга ҳам қойилман. Қилдек нарсани ҳам кўришади. Шундай бўлиши ҳам керакда. Замон нотинч. Келди-кетди кўп. Битта-яримта олакўзи йўқ дейсизми ичида. Ўқидингизми?
— Ҳаммасини эмас. II бобидан кейин ўқий олмадим.
— Албатта, албатта. Ишингиз кўп. Бу ёғи жуда қизиқ. Вақт топсангиз, ўқинг албатта.
— Сизда борми? — сўради тўсатдан капитан.
— Албатта, бор. Мен ҳеч газетани йўқотмайман. Вақт бўлмай ўқий олмасам ҳам, тикиб қўяман. Кейин ўқийман. Ҳозир берайми?
— Агар оғир бўлмаса!
— Э, ака, оғирлиги бор эканми? Ҳозир-да!
Оллоёров китоб шкафининг эшигини очиб, бир даста газета олди.
— Бу бир ойлиги. Август. Асарнинг боши ҳам керакми?
— Йўқ, — деди капитан, — бошини ўқиганман.
— Аммо лекин зўр асар эканда. Киносини чиқади, деб эшитдим. Ростми шу?
— Билмадим...
Капитан газеталарни бир бошдан варақлай бошлади. Оллоёров тўғри айтган эди. Газета сонларининг ҳаммаси бор. Нега йиғар экан?
— Дуруст экансиз. Ҳамма сонлари борга ўхшайди.
— Ҳаммаси, ака. Газетани ҳеч йўқотмайман. Студентликдан қолган касал. Техникумда ўқиб юрганимда, математика домламиз бор эди. Бечора инфарктдан ўлиб кетди. Шу айтарди, савдо ходимларини кўпчилик, оми, пулдан бошқа дарди йўқ, деб ўйлайди. Сенлар, жуда бўлмаса, газета ўқинглар. Вақтларинг бўлмаса олиб қўйларинг, ҳаммасини бир қилиб ўқийсанлар. Мен шундай қиламан, дерди. Шу одат бўлиб қолган. Бир йилгача йиғаман, кейин ташлаб юбораман.
Капитан 19 август сонига келди. Беихтиёр юраги дукиллаб ура бошлаганини сезди. Оллоёров унинг ҳаяжонга туша бошлаганини пайқамаслиги учун, қўли кейинги вараққа қараб кетаётган бўлса ҳам, жўрттага шу сондаги материалларга кўпроқ қаради, кейин янги варақни очди.
20 август! Тезда унга кўз югуртди-да, кейингисини очди.
21 август ҳам бор эди. Биринчи бетнинг ўнг томонидаги тепа бурчак йўқ! Ён чўнтагидаги газета парчаси баданига ботаётгандек бўлиб кетди. Газетанинг йиртилган жойига диққат билан қаради. Ҳа, бу ўша Мунис Саидованинг сумкасидан чиққан ва ҳозир чўнтагини куйдираётган парчанинг ўрни эди. Капитан оғир нафас олиб, ўзини креслога ташлади.
— Ҳа, яхши асар. Кино қилса, арзийди. — У бир оз ўйланиб турди, кейин бошини кўтарди. — Ўртоқ Оллоё-ров!
— Эшитаман, ака?
— 21 август куни кечқурун қаерда эдингиз?
— 21 август куни кечқурун?! Ҳозир... ҳозир... Уйда эдим, ўртоқ капитан. Нима эди? Яна сўроқ бошланди шекилли?
Оллоёров истеҳзоли жилмайди.
— Саидова билан бирга. Шундайми?
— Ёлғиз! Уни мен ўша куни кўрганим йўқ.
— Кўргансиз, ўзингизни пайсалга солманг.
— Мен уни кўрганим йўқ. Исботлай олмайсиз.
— Мана исбот! — Капитан газетанинг йиртиқ жойига қўлини ташлади.
— Нима қилибди? Йиртиқ газета... Йиртган бўлишим мумкин нимагадир. Сиз йиртмайсизми?
— Ўша йиртиқ парча Саидованинг сумкасидан чиқди. Боя сиз тан олмаган узук қутиси унга ўроғлиқ экан.
— Бўлиши мумкин эмас! Ишонмайман! Туҳмат бу!
— Ишонмасангиз, мана, кўринг.
Капитан чўнтагидан газета парчасини олиб, Оллоёровга узатди. Оллоёров уни олар экан, қўли титрар, ранги докадек оқариб кетганди.
— Энди нима дейсиз?
— Ўртоқ капитан, — Оллоёров бўшашиб газета парчасини столга қўйди. — Ўртоқ капитан, мен сизни алдадим. Рост, ўша куни Саидова келган эди. Нимадир сўради. Эсимда йўқ, ҳозир. Кейин ўша узукни кўрсатди.
— Хўш? — қизиқиб сўради капитан.
— Чиройли узук, дедим, — давом этди Оллоёров. — Буюрсин, дедим. Кейин қутисига солиб, бир нарсага ўраб олай, деди. Олдимда газета турган эди, йиртиб бердим.
— Яна ёлғон гапиряпсиз. Узукка пул тўланган чекда сизнинг қўл изларингиз бор. Сиз бу узукни 14 август куни Самарқандда олгансиз. — Оллоёров жим бошини эгди. — Энди айтинг, Оллоёров, нима сабабдан қимматбаҳо совғалар қилдингиз Саидовага? Фақат рост гапиринг.
— Хўп, ўртоқ капитан. — Оллоёров хўрсинди. — Бунинг тарихи узун, ўртоқ капитан.
— Мен шошмаяпман.
— Кечирасиз.
— Гапиринг.
— Мен уни, Мунисхонни, бир кўришдаёқ яхши кўриб қолдим, ўртоқ капитан. Ишонинг, шундай яхши кўриб қолдимки, жинни бўлаёздим. На ишимда ҳаловат бор, на уйқумда. Ўйлайман, ўйлайман, соатлаб, кунлаб кутаман. Сиз уни кўрмагансиз. Жуда чиройли аёл эди у. Чиройли бўлмаса ҳам, ёқимтой. Хуллас, менинг дилимдаги аёл эди. Афсус, эри бор экан. Лекин юрак билан нима қилиб бўларди? Шундай бўлса ҳам, аввал анча ўзимни босдим. Ҳой, жанжалга йўлиқма, энди оёққа туриб келаётган одамсан-а, деди ақл. Юрак қурғур қулоқ солмади. Бахтимга дейми, ё бунинг аксими, Мунисхон кийим-кечакни яхши кўрадиган аёл экан. Кимнинг эгнида яхши бир нарса кўриб қолса югуриб келади, топиб беринг, дейди. Топиб бераман. Бир куни қайси бир ўртоғида английский кофта кўриб қолибди. Келди. Ҳали бу молдан бизда йўқ эди. Ҳамма танишларимга телефон қилиб чиқдим. «Тоҳир ва Зуҳра»да битта бор экан, ўзим бориб олиб келдим. Ўшанда, ўртоқ капитан, шайтон мени йўлдан урди. Ниятимни айтдим. Тўғрироғи, ресторанга таклиф қилдим. Кўнмади. Уйига олиб бориб қўяётганимда, эртага телефон қиламан, деди.
— Ўтган йили куздами? — сўради капитан. Оллоёровнинг кўзлари олайиб кетди.
— Сиз қаердан биласиз?
— Давом этинг, — капитан сигарет тутатди.
— Ҳа, ўтган йили кузда...
— Хўш, гапиринг, гапиринг!..
— Эртасига... эртасига соат ўн иккиларда телефон қилди. Мен, деди, кечқурунлари бандман, уйда бўлишим керак. Истасангиз, бирга тушда овқатланишимиз мумкин. Йўқ деб бўладими? Севиниб кетдим. Ўша куни учрашдик... Аэропорт ресторанига олиб бордим. Озгина ичдик. Коньяк. Кейин... кейин қайтаётиб машинани Бешёғоч томон бурдим. Қаёққа кетяпмиз, деб сўровди, кофе, туркча усулда қора кофе ичамиз, дедим. Кофе тайёрлашга устаман. Агар истасангиз, ҳозир сизга ҳам тайёрлаб бераман. Шошмаяпман деяпсиз?
— Раҳмат, — деди капитан. — Ҳожати йўқ. Давом этинг.
— Йўқ, демади. Уйга олиб келдим. Шу хонага... Ўртоқ капитан, бу ёғининг қизиғи йўқ. Хуллас, ҳафтада бир келиб турадиган бўлди.
— Кундузлари?
— Ҳа, кундузлари, эри... эри йўғида кечқурунлари ҳам. Эрталаб телефон қилиб хабар бериб қўярди качон келишини...
— Ишхонагами?
— Ҳа, уйда телефоним йўқ. Магазинда ўзимнинг алоҳида телефоним бор. Ўртоқ капитан, менинг ниятларим холис эди. Унга уйланмоқчи эдим. Кўп марта гапирганман. Куларди. Шунинг ўзи етмайдими, дерди. Лекин барибир уни кўндирмоқчи эдим. Ҳеч нарсамни аямадим. Дур ҳам олиб бердим, узук ҳам, зирак ҳам...
— Яна нима?
— Бошқа ҳеч нарса, ўртоқ капитан! Худо урсин!
— 21-да нечаларда у олдингиздан кетди?
— Ҳозир... ҳозир... Тўққизларда. Ҳа, роппа-роса ўнда. Телевизорда ўнда кино бор эди. У кетиши билан бурасам, бошланди. Буни қаранг, ўртоқ капитан! Фалокат оёқ остида туради, деб шуни айтишар экан-да. Кетманг, деб бирор соат олиб қолсам бўлмасмиди? Олиб бориб қўйсам ҳам бўларди. Айтсам ҳам, йўқ, деди. Эҳ, ўртоқ капитан, бу дунё шунақа экан, бугун борсиз, эртага эса...
— Нима кинони кўрдингиз ўша куни?
— Ўша куними? «Уруш ва тинчлик».
— Қайси серияси экан?
— Учинчи серияси. «Андрей Болконский». Кўрганмисиз?
Капитан жавоб бермади. «Артистнинг ўзи, — ўйларди у. — Тутиб ололмаётганимизни сезяпти. Барибир тутиш керак. Лекин қандай қилиб? Қўрқитайми? Йўқ, бу қўрқмайди. Ораларида чиндан ҳам муҳаббат бормиди? Ўхшамайди. Бу ҳам уни енгил қўлга туширган, у ҳам шундай, енгил ўзини сотган. Бу кўриниб турибди. Лекин бу сохта муҳаббатнинг тагида нима бор эди? Нега ўлдирди? Нимадан кўркди? Эри билиб қолади дебми? Эрининг бунга нима алоқаси бор? У хотинини тийиб олсин. Нега, нега ўлдирди? Ўзи ўлдирдими?..»
Ровонда нимадир тақиллаб кетди. Оллоёров шошиб ўрнидан турди-да, эшикни тепиб юборди. Эшик орқасида кўзларини бир нуқтага тиккан кампир турарди.
— Яна қулоқ соляпсанми? — қичқирди Оллоёров. Кампир миқ этмади, қонсиз лаблари нималарнидир шивирлади, кейин секин бурилиб, деворга қўлини қўйди-да, кўздан йўқолди.
— Кечирасиз, — Оллоёров зўрға жилмайди. — Бечора ёлғиз зерикади...
Капитан буни ўзича тушунди.
— Ҳа, мен ҳозир кетаман. Телевизор қаерда?
— Нариги хонада. Кампир эшитсин дейманда.
— Демак, ўнда бошланди денг кино?
— Ҳа, роппа-роса ўнда. Мунисхон шундан бир-икки минут олдин кетди. Ишонмаяпсизми, ўртоқ капитан?
— Саидованинг кетганигами? Ишонаман. У кетмаса, балки омон қоларди...
— Шуни айтинг, ўртоқ капитан, шуни айтинг! Қанча илтимос қилдим бўлмаса!
— Саидова ўн бир билан ўн икки ўртасида ўлдирилган! Сиз телевизор кўриб ўтирган пайтингизда.
— Аттанг! Аттанг! Ўртоқ капитан, эри биладими?
— Нимани?
— Мен билан... ҳалиги...
— Бунинг нима аҳамияти бор?
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Бечора қийналмасин, дейманда. Шу азобнинг ўзи каммиди?..
«Уни ҳозир қамай олмаймиз, — ўйларди капитан. — Яна бир нарса топиш керак, яна бир нарса...»
— Хўп, ҳозирча етар. Айтгандай, Саидова нечада келди сизникига?
— Олтиларда. Ўтирсангиз бўларди, — Оллоёров шундай деди-ю, лекин капитандан олдин ўрнидан турди.
— Бошқа гал.
Капитан ровонга чиқди, беихтиёр ёнига қаради. Кампир яна унга кўзларини тикканича, ҳайкалдек қотиб ўтирарди. Ўзи_сезмаган ҳолда эти жимирлаб кетди.
Ўн минутдан сўнг у идорасига қайтар экан (Оллоёровнинг уйидан пиёда Чорсуга чиққунича шунча вақт кетди), лейтенант Султонов билан боғланди.
— Анвар! Тезда телестудия билан боғланинг. 21 август-да 21.00 дан 24 гача нима берилган, аниқланг, эълон қилинган программа билан солиштиринг.
— Хўп бўлади, ўртоқ капитан.
Ҳа, манзара энди унга анча ойдинлашган эди. Мунис Саидова ўша куни бир яримда институтдан чиққан. Беш яримларда Чорсу йўлида бўлган. Олти билан ўн ўртасида Оллоёров билан маишат қилган. («Бунча узоқ?» — хаёлидан ўтди унинг). Тўққизда кўчага чиққан. Ҳа, ўн беш минутдан сўнг Чорсуда бўлган. Трамвай кутган. Наҳотки шу пайтда бу ерда ҳеч ким бўлмаган бўлса? Ўндан ўн беш-йигирма минут ўтганда қотил пайдо бўлган. Гап, жанжал. Саидова нимагадир рози бўлмаган ёки қотилни айблаган. Нимада айблаган? Капитан хаёлан қоғозга яна битта белги қўйиб қўйди. Ўн бир яримда эса фожиа юз берган. Аммо шу ерда юз берганмикан? Олиб келиб ташлаган бўлсачи? Унда ҳеч ким кўрмай қолгани табиий. Бекат қоронғи. Биттагина фонарь турибди. У ҳам синган. Капитаннинг назарида яна иккита нарсани аниқлаш қолган эди. Биринчидан, фожиа қаерда юз берди? Иккинчидан, унинг сабаби. Қотил Саидованинг таниши эканлигига унда шубҳа қолмаган эди. Ёки унинг иккинчи Оллоёрови ҳам бўлганмикан? Ўз-ўзидан туғилган бу савол капитаннинг хаёлини марҳуманинг эрига олиб кетди. Раҳим Саидов билиб қолган бўлса-чи? Ўша кунги эрталабки жанжал узукдан эмас, «ўйнаш»дан чиққан бўлса-чи? Кечқурун хотинини тутиб олган ёки Ол-лоёровнинг уйидан ўзи олиб кетган бўлса-чи? Унда фожиа Чорсуда юз берган бўлади. «Ҳар ҳолда бу тахминни ҳам хаёлдан чиқармаслик керак», — ўйлади капитан.
У кабинетга кирганда лейтенант Султонов ҳафталик телевизион программа билан ўтирарди.
— Хўш?
— Аниқладим, ўртоқ капитан, — лейтенант ўрнидан турди. — Соат 21да «Истиқбол эгалари» тележурнали кет-ган. Ўз вақтида. Беш минут кеч тугаган. Йигирма биру қирқда тугаш ўрнига йигирма биру қирқ бешда тугаган. Кейин телевизион янгиликлар бошланган. Бу ҳам ўз вақти-да. Ўнга икки минут қолганда Москва уланган. Интервиде-ние орқали Софиядан классик кураш бўйича Жаҳон бирин-чилиги олиб кўрсатилган.
— Нима? — ҳовлиқиб кетди капитан.
— Классик кураш бўйича Жаҳон биринчилиги, — қай-тарди лейтенант Султонов.
— Программада нима?
— Программада «Уруш ва тинчлик» кинофильми эълон қилинган. Учинчи серия. Фильм ўндан қирқ тўрт минут ўтганда бошланган.
— Лейтенант!..
— Эшитаман, ўртоқ капитан!
— Қотил топилди!..
— Ким, ўртоқ капитан?
— Оллоёров!
— Буни қаранг, мен бечора Саидов бўлса керак, деб юрувдим.
— Менинг ҳам гумоним бор эди.
— Қамоққа олайми?
— Шошманг, шошманг, лейтенант. Қамаш қочиб кетмайди. Ҳозир уйида тинтув ўтказиш учун ордер тайёрланг.
— Қачонга?
— Эртага.
— Хўп бўлади, ўртоқ капитан.
— Бирга борамиз. Группангизга айтинг, унга кўз-қулоқ бўлиб туришсин. Энди мен уйга борай.
— Хайр, ўртоқ капитан.
— Омон бўлинг.
Капитан кўчага чиқди. Қоронғи тушган, иссиқнинг тафти босилиб, майин шамол эсарди.
— Қаёққа борамиз? — сўради шофер машинага ўтирганда.
— Уйга.
Шофер ҳайрон бўлиб унга қараб қолди.
— Ҳа?
— Ишонмаяпман. Келинойим ҳам тоза ҳайрон қолсалар керак.
— Бир уйдагилар билан биргалашиб овқат еяй...
— Мен ҳам, Собир ака, — деди шофер жилмайиб. Икковлари кулиб юборишди.

8

— Шу азобнинг ўзи етмасмиди! Юрагимни қон қилдинг! Мижжа қоқмай чиқдим!..
Ҳакима опа супада отаси билан ўтирган Раҳим Саидовга чой узатар экан, уни уришарди.
— Бўлди қил! — жеркиб берди ниҳоят Саид ака. — Яхшиси, овқатингни олиб кел.
Ҳакима опа яна нималарнидир ғўлдиради-да, ўрнидан турди.
Кеча акаси келавермаганидан хавотир олган Муҳаббат эски ҳовлига келиб кетган эди. Шунда Саид ака, агар келиб қолса, албатта уйга келсин, деб қизига тайинлади. Раҳим Саидов Қўқондан келиши билан синглисидан шу гапни эшитди ва эрталаб азонда эски ҳовлига қараб йўл олди.
— Қўқондагилар тинчми? — сўради Саид ака.
— Ҳа.
— Бечораларга ҳам қийин бўлди, ёлғиз фарзанд... Ўртага жимлик чўкди. Саид ака ўзича, бунчалик шошилинч Қўқонга бориб-келишнинг нима ҳожати бор эди, деб сўрамоқчи эди, ботинмади. Умуман, у қудаларга тааллуқли ишларга бошини суққиси келмас, Раҳим Саидов хотини билан, узоқ бўлса ҳам, кўпроқ Қўқонга қатнашларидан ҳам хафа бўлмас эди. Ҳакима опа тутақа бошласа, ўғлинг оқибатли чиқди, суюнсанг-чи, деб койирди. У пайтлари келин ҳаёт эди. Энди-чи? Энди нега бир ҳафтада икки марта бориб келди? Тинчликмикан? У ер остидан ўғлига қаради. Озибди, ранги сарғайибди. Бу ғамдан, албатта. Бошига шундай кулфат тушади-ю, озмайдими? Лекин нега нотинч, хаёли паришон? Саид ака қанчалик билишга тиришмасин, биринчи бўлиб ўзи гап очгиси келмади. Балки лозим топмагандир? Майли, айтмаса айтмасин. Омон бўлса бўлди...
— Мунис... Мунисдан менга анча мол қолибди... — Раҳим Саидов кулимсираб дадасига қаради.
— Қанақа мол? — тушунмади Саид ака.
— Тилла, дур... Мана, — Раҳим Саидов чўнтагидан дурни олиб отаси олдига қўйди.
У айтмоқчи эмас эди. Қўқонга бориб келганига бошқа сабаб топмоқчи эди, лекин отасини кўриб, бу фикридан қайтди. Нима қилади яшириб? Қайнатаси билди, ўртоқлари билди, милиция билади, отаси эшитмайдими? Эшитади. Кейин отаси бировнинг устидан куладиган одам эмас, тағин ўғлининг устидан. Шу қарорга келиб, у уятни йиғиштирди.
Саид ака дурни қўлига олмади, унга бир оз тикилиб турди-да, ўғлига кўзларини тикди.
— Ўзиникими?
— Ҳа, фақат ўзиники. Мен олиб бермаганман.
— Пули бор экан-да?
— Қаёкда бўлади?! Трамвайга ҳам мендан сўрарди.
—   Мендан сўрарди? — ҳайрон бўлди Саид ака.
—    Пулларинг ўртада эмасмиди?
— Ўртада эди. Маошимни олишим билан қўлига тутқизардим. Ундан ўн беш сўм олиб қолардим. Буни ҳам ўзига кўрсатиб. Ўзининг маошини суриштирмаганман ҳам, кўрмаганман ҳам.
— Унда ўзи олган бўлса олгандир. Нега хуноб бўляпсан?
— Бунинг қанча туришини биласизми? Минг сўм! Яна милицияда шунчаси бор.
— Ниманинг?
— Пулни-да! Зирак, узук. Улар ҳам минг сўмча турар экан. Ўзиники у ёкда турсин, менинг бир йиллик маошим ҳам етмайди бунга.
— Унда нима, оёғи эгри экан, демоқчимисан? Раҳим Саидов бошини эгди.
— Қўқонга шунинг учун бордингми?
— Ҳа, — деди Раҳим Саидов эшитилар-эшитилмас. Саид ака жим қолди. Қошлари чимирилди. Йирик қўллари билан соқолини тутамлай бошлади. Жаҳли чиқса у доим шундай қиларди. Раҳим Саидов буни яхши биларди.
— Яхши қилмабсиз, ўғлим, — деди у ниҳоят. — Уларнинг ўз ташвиши бошларидан ошиб ётибди. Бу янгилик уларни қайси аҳволга солди экан? Қачон билдингиз буни?
—  Кеча.
— Кеча билдингизу, югурдингизми? Жуда бўлмаганда мен билан маслаҳатлашсангиз бўларди.
— Дада, Қўқонга шу хабарни еткизгани борганим йўқ эди. Онасини биласиз. Шунақа нарсаларга ўч. Ўша берганмикан, деб ўйладим. Уники эмас экан. Биттаси ҳам уники эмас экан.
— Шундай бўлса ҳам, бекор қилибсиз... Бунчалик шошилишга ҳожат йўқ эди. Уларда нима гуноҳ?
Раҳим Саидов нима дейишини билмай қолди. Бундай қараганда, отаси ҳақ эди. Уларда нима гуноҳ? Қизларини шу расво йўлга улар бошлабдими? Ё билиб-билмасликка олибдими ўзларини? Суриштирилса, айб унинг ўзида. Хотинини эплолмаган эркак, қандай эркак. У отасининг гапларидан худди шу гапларни уққандек бўлди. Эсига Қўқондаги маросим пайти маст йигит айтган сўз келди. Пешанасидан совуқ тер чиқиб кетди, сесканиб бошини кўтарди. Ўзини окламоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, лаганда ош кўтариб опаси келиб қолди.
— Бир ютум ҳам томоғимиздан ўтгани йўқ, шундай қолди кеча. Одам деган бундоқ бўлмайди. Уйингга Муҳабни...
Ҳакима опанинг кўзи дурга тушиб гапи чала қолди.
— Бу нима?
— Келинингники экан, — деди Саид ака.
— Дур-ку?!
Ҳакима опа лаганни қўйиб, дурни қўлига олди.
— Таққанини кўрмаган эдим. Яқинда олиб берувдингми? Раҳим Саидов ер остидан отасига қаради. Саид ака билинар-билинмас бошини қимирлатиб қўйди. -Ҳа.
— Буюрмабди-да. Яхши дур экан.
— Қани, Раҳим, ош совумасин. — Саид ака гапни бурди. — Ҳойнаҳой кечадан бери очдирсан? Ол.
Раҳим Саидов отасидан миннатдор бўлиб, ошга қўл узатди. У бир неча кундан бери биринчи марта қорни очганини сезди ва иштаҳа билан ея бошлади. Умуман, у ўз уйида, онаси пиширган овқатни ейишни яхши кўрарди. Шу ердагина овқат егандек бўларди. Ҳакима опа яхши пазанда эди. Тез ва мазали пиширарди. Нима қилмасин, унда фақат унинг ўзига хос бир нарса бўлардики, еган сари одамнинг егиси келарди. Раҳим Саидов нималигини айтиб беролмайди, ҳар ҳолда онаси тайёрлаган овқат ҳеч кимникига ўхшамасди. Буни биринчи марта янги уйга кўчиб борганида билди.
Юкларини тушириб, стол-стулларни жой-жойига қўйиб бўлишгач, Мунисхон овқатга уннай бошлади. Ҳакима опа сўнгги машина жўнаётганда кўзида ёш билан бир корзинка нарса, битта ичи куйдирилган яхши қозон бериб юборган эди. Мунисхон корзинкани очди. Картошка, пиёз чиқди ундан. Бир пакет гуруч. Ёнида газетага ўроғлик гўшт ва тўғралган сабзи. Бир шиша пахта ёғи ҳам бор эди. Ошхонадаги столга шуларни териб қўйди-да, Раҳим Саидовни чақирди, қайнанаси шаънига яхши гап айтгиси келди.
— Буни қаранг, аям боёқиш, шунча нарса бериб юборибдилар. Нима қилиб берай?
— Бирон нарса биласизми ўзи? — Ҳазиллашди Раҳим Саидов.
— Вой, нима деяпсиз! Аямлардан яхши қиларман!
— Бўлмаса, нима истасангиз, шуни қилинг. Сиз тайёрлаган овқат заҳар бўлса ҳам ейман.
Раҳим Саидов хотинининг юзидан ўпди.
— Бўлди, бўлди, боринг. Бирам ширин овқат қилайки... Кўп ўтмай, анча юк тушириб ҳориган Раҳим Саидовнинг димоғини пиёздоғ ҳиди қитиқлай бошлади. Энди жаҳли чиқиб, онасининг овқатларини эслай бошлаганда, овқат пишди. Мунисхон жаркоп қилган эди. Раҳим Саидов овқатга қаради-ю, нафаси ичига тушиб кетди. Пиёзи куйган, картошканинг аталаси чиқиб кетган эди, гўшт қорайиб, тошдек қотган. Битта жазни оғзига солиб, зўрға чайнаб ютди-ю, афти буришиб кетди.
— Туз эсимдан чиқибди, — деди Мунисхон жилмайиб. — Хафа бўлманг, ҳозир намакоб қилиб устига сепаман, бинойидек бўлади.
Албатта, Мунисхон кейин ўрганиб кетди, мазали овқатлар қиладиган бўлди. Ҳеч қайси овқат, барибир, онасиникига ўхшамасди. Қайнанаси ҳам яхши овқат пиширарди. Бироқ у ҳам Раҳим Саидовнинг назарида онасига тенг келолмасди. Балки бу ўрганишдандир? Лекин битта нарсани у яхши биларди. Ҳакима опа масаллиғни уринтирмай овқат қиларди, ҳар бир нарса ўз мазаси билан ажралиб турарди. Ҳозирги ош ҳам, иситиб келганига қарамай, жуда ейишли эди.
— Болам боёқиш-ей... — деди Ҳакима опа унинг шошилиб овқат ейишига тикилар экан. — Ўзингни жуда олдириб қўйибсан, тузук-тузук ол.
Раҳим Саидов қорни тўйиб, қўлини артди.
— Ишгами ҳозир? — сўради Саид ака. -Ҳа.
— Бирга кетамиз.
— Ҳа, сиз қаёққа? — Ҳакима опа эрига қаради.
— Бир комбинатга ўтиб келай...
— Путёвкани суриштириб қўйинг. Қирқни ўтказиб, бир дам олиб келасиз.
— Кўрамиз.
Саид ака ўрнидан турди. Эшикка чиқишганда у сўради.
— Нима қилмоқчисан?
— Нима қилардим?..
— Ишлаш керак, — деди Саид ака. — Ишда одам ҳамма нарсани унутади. Қотил... қотилни сенсиз ҳам топишади. Хўпми?
— Хўп, ада.
Кўнглида отасининг маслаҳатига қўшилмаса ҳам, ҳозир унинг борлигидан, унга меҳр билан гапираётганидан, ёш боладек унинг олдида бош эгиб турганидан у хурсанд эди. Яхши ҳам улар бор. Онаси бор. Қаёққа борарди, кимнинг олдига шундай бор ғамини, кулфатини кўтариб келарди?
— Маъракаларни ўйлама. Қилдик. Бу ёғини ҳам ўзимиз, чол-кампир ўтказамиз. Бора қол энди.
Раҳим Саидов кўнгли кўтарилиб, ишхонасига кетди. Институт дарвозасидан кираётганда директорнинг машинасига дуч келди.
— Чақиришяпти, — деди Сулаймон ака машина деразасидан бошини чиқариб. — Препаратни сўрашяпти.
— Нима дейсиз?
— Нима дейман? Жавобимиз тайёр. Бир ҳафтадан сўнг ишлаб чиқаришга топширсак бўлади. Ё эртами?
— Йўқ. Бир ҳафта етади.
— Раҳимжон! Ўзинг қарашиб юбор, кечикмайлик. Ё бошқа планларинг борми?
Директор шундай деб машинадан тушди.
— Йўқ, ҳеч қандай планим йўқ.
— Агар истасанг, отпуска беришим мумкин. Бир ой дам олиб кел. А, нима дейсан?
— Керак эмас, Сулаймон ака. Ишни битирайлик.
— Мен ҳам шундай дейсан, деб ўйловдим. — Сулаймон ака Раҳим Саидовнинг елкасига қоқиб қўйди. — Эзилганнинг фойдаси йўқ. Ёлғиз ҳар қаёқларда юрганингдан кўра, институтда бўлганинг маъқул. Хўп, мен кетдим. Президентнинг ўзи чақирибди.
Сулаймон ака машинасига ўтирди. Раҳим Саидов устозининг кетидан бирпас қараб турди-да, тўппа-тўғри лабораторияга қараб йўл олди. Бу ерда иш қизғин кетаётганини у яхши биларди. Вилтга қарши тайёрланган дорининг составини ҳам теплица, ҳам очиқ шароитда текшириб чиқиш бир йилдан кўп вақтни олди. Аммо ҳали ҳам тугамаган. Энди ниҳоясига етиб қолаётган эди. Ҳафиз аралашмаганида, ким билади, яна қанча чўзиларди. Унинг қўли гул. Шунинг учун ҳам синовнинг ҳаммасини у Ҳафизга топширди. Натижа яхши. Сулаймон аканинг хурсандлиги бежиз эмас. Агар фожиа юз бермаганда препарат аллақачон тайёр бўларди. Фожиа унинг режаларини бузиб юборди.
Раҳим Саидов шуни ўйлади-ю, яна юрагини санчиқ тутганини сезди. Тишини тишига қўйиб ижирғанди.
Лабораторияга кирганида олисдан уни кўриб, Ҳафиз қаршисига юрди.
— Бунча тез? Қачон қайтдинг?
— Кечаси. Машинада.
— Бир оз дам олсанг бўларди. Раҳим Саидов юрагини кўрсатди.
— Зерикдим. Қалай кетяпти?
— Назаримда, дуруст. Яна ўзинг кўр.
Раҳим Саидов Ҳафизнинг ўрнига бориб, колбаларга кўз ташлади. Улар кўп эди. Ҳаммасида турли рангдаги суюқликлар... Ҳаммаси бир неча йиллик тинимсиз меҳнат маҳсули... Раҳим Саидов шу дорилар, шу колбалар орасида ўзини эркин, мустақил одам ҳис қиларди. Шу ерда у ўзини бирор ишга қодирлигини тушунарди. Бу ерда ҳамма нарса унга маълум. Шу маълум нарсалар ичида у қушдек парвоз қилиб, сеҳрли оламларда кезарди, нималардир изларди, топарди, «Отам ҳақ, — хаёлидан ўтди унинг. — Менинг ҳаётим шу ерда ўтиши керак».
— Пайқадингми, стенофимицин қўшилганида чигит тозаланди, — унинг хаёлини бўлди Ҳафиз.
— Демак, қўшамиз?
— Албатта. Шунда чигит уч-тўрт кун илгари униб чиқади.
— Бўпти. Заводдагилар нима дейишяпти?
— Улар пойлаб туришибди бизни. Бир цех бизга ажратилган.
— Бир ҳафта етармикан бизга?
— Ҳаракат қиламиз. Агар сен ўзинг ҳам бўлсанг, етади.
— Бўламан.
— Биласанми, препаратни қандай номладик?
— Қандай?
— И-109 С.
Раҳим Саидов И-109 нималигини биларди. Институт тайёрлаган препаратларнинг сони. Лекин «С» нима бўлди экан?
— «С» нима?
— Сен, — деди Ҳафиз ғурур билан жилмайиб. — Сулаймон аканинг ўзи таклиф қилди. — И-109 Саидов!
— Қалай?
Раҳим Саидов қизариб кетди. Препаратни топишда унинг хизматлари кўп эди. Бироқ коллектив ҳам анча иш қилди. Сулаймон аканинг ўзи ҳам. Шу жиҳатдан қараганда уни жуда юқори баҳолаб юборишмадимикан?
— Яхши эмас.
— Нега? — ҳайрон бўлди Ҳафиз.
— Яхши бир ном топиш керак, ҳаммага алоқадор.
— И-109 коллективни билдиради. Камтарликнинг ҳам чегараси бўлади. Менинг фамилиямни қўшишса, жон-жон дердим...
Ҳафиз кулди. Раҳим Саидов ўзида йўқ хурсанд эди. Ҳа, бу дунё қизиқ. Беш минутдан кейин сени нима кутишини билмайсан. Кеча у қандай эди-ю, бугун қандай!.. Ҳаёт яна унга гўзал, қувонч, бахтга тўлиқ бўлиб кўринди. Бу бахт, бу шодлик олдида унинг юрагини қимтиётган ғам ўткинчи бир нарса, ҳализамон ундан қутулади, завқли, илҳом ва иқболга тўла сахий ҳаёт уни ўз қучоғига олади.
— Сафар қалай бўлди? — сўраб қолди. Ҳафиз унинг хаёлга чўмганини ўзича тушуниб.
— Сафарми? — Раҳим Саидов чўчиб тушди. — Сафар... Яхшилик йўқ.
У шундай деб, чўнтагидаги дурни эслади? «Нега олиб юрибман, боя уйга ташлаб келсам бўлмасмиди?» Унинг яна хаёли бўлинган эди. Кечга яқин эса кайфияти бутунлай бузилиб кетди. Лабораториядан чиқиб, ўз кабинетига йўл олди.
Раҳим Саидов кабинетига келиб, ўзини креслога ташлади. Шу тоб Ҳафиз кирди.
— Раҳим, дўстим, — деди унга меҳрибонлик билан Ҳафиз, — ўлгудек чарчабсан. Кўзларинг ич-ичига тушиб кетибди. Бор, яхшиси кет, кўчага чиқ, шаҳарни айлан. Яхши кино кетяпти. «Спартак». Бориб кўр. Кечқурун уйингдан олиб кетаман. Вазирага яхши овқат қилдирамиз. Битта арман коньягим бор. Ашот ўзи Еревандан олиб келган. Биласан-а уни, қўшним. Келишдикми?
Раҳим Саидов бошини қимирлатди.
— Ё уйингга олиб бориб қўяйми?
— Ўзим, — деди Раҳим Саидов. — Сал туриб. Ҳозир мени ёлғиз қўй. Озгина ишлайман.
Лекин у ишлай олмади. Ҳафиз кетгач, бирпас ўтирди-да, кўчага чиқди. Кун ҳар доимгидек иссиқ эмас эди. У битта-битта юриб, трамвай бекатига келди. Лекин трамвайга чиқмади. Иккита трамвайни ўтказиб, учинчиси келаётганида пиёда йўлга тушди. Иш пайти бўлганиданми, кўчада одам сийрак эди. Фақат машиналар турнақатор ўтиб турибди. Улар кўп, кети узилмайди. Қайси бир чорраҳада у анча туриб қолди. Кейин энди ўтаман деган эди, юк машинаси чинқириб олдида тўхтади, шофер деразадан бошини чиқариб, сўкинди:
— Кўзми, пешанами, каллаварам! Кўк чироқ-ку?! Раҳим Саидов орқасига қайтди. Светофорда қизил чироқ ёнгач, чорраҳани кесиб ўтди. Ҳозир уни машина уриб олиши ҳеч гап эмас эди. Бир марта шундай бўлган. Унда Мунис бир ўлимдан қолган эди. Тўйга боришганмиди ўшан-да? Йўқ, Фаридаларникига боришган эди. Болаларидан бирининг туғилган куни эди. Ўшандан олдин қаттиқ уришишди. Мунис бир чамадон кийим-кечак қилиб аясиникига, Қўқонга жўнаб кетди. Бир ҳафта ўтгач, Раҳим Саидов ялиниб-ёлбориб олиб келди. Яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Лекин унинг дилидаги ғашлик анчагача тарқамади. Меҳмонга боришганда ҳам очилмади, қайтанга Фарида билан унинг эри ўртасидаги муносабатини кўриб, баттар юраги эзилди, уларга ҳаваси келди. Мунисхон эса ҳеч нарса бўлмагандек қаҳ-қаҳ уриб кулар, димоғи чоғ эди. Эрига у парво ҳам қилмади. Фақат ош сузилаётганда ўртоғига ёрдам бермоқчи бўлиб ошхонага борди-ю, қайтиб келиб эрига пичинг отди.
— Қовоғингиздан қор ёғиляпти, нима балодан тута қолди?
Раҳим Саидов тишларини ғижирлатиб, хотинига қаради, лекин ҳеч нарса демади. Агар бир нарса деса ўша пайтда, Мунис миясини қоқиб қўлига беришини, уйга келиб эса яна чамадонни қўлтиқлаб қолиши мумкинлигини билар эди. Айтгандек, ўшанда жанжал Муҳаббатдан чиқди. Раҳим Саидовнинг синглиси Мунисхон билан жусса жиҳатидан тенг эканлигини айтиб ўтган эдик. Бир куни у келинойисидан қора юбкасини бир кечага бериб туришини сўради. Мунисхон бердигина эмас, уйдан кийдириб чиқарди. Муҳаббат қаёққадир бормоқчи бўлган бўлса керакда. Юбкага мос тушсин деб, қора амиркон йўғон пошналик туфлисини ҳам берди. Муҳаббат хурсанд чиқиб кетди. Орадан бир неча кун ўтди. Бу воқеа унутилди. Раҳим Саидов бир куни ишдан келса, Мунисхон шу қора юбкасини кийиб, тошойна олдида хуноб бўлиб ўтирибди.
— Ҳа, нима бўлди? — сўради Раҳим Саидов.
Мунисхон жавоб бермади.
— Тинчликми? — яна сўради Раҳим Саидов. Шунда Мунисхон тилга кирди:
— Сизга тинчлик бўлса бўлди, менинг адойи тамом бўлганим билан ишингиз йўқ.
— Нима бўлди ўзи?
— Синглингиз юбкамни доғ қилибди. Ер юткур минғаймас. Ҳали туфлигимни кўрганим йўқ. У нима бўлган экан, Худо билади.
— Шунга шунча ташвишми? — овутмоқчи бўлди Раҳим Саидов, лекин ичида синглисини қарғаганидан зил кетди.
— Ташвиш бўлмай нима? — Зарда қилди Мунисхон. — Бир йилда битта кўйлакка зўрға етишаман. Топган пулингиз уйингизга кетади. Кеча онангиз келиб, яна қоқиб кетдилар. Ташвишмасмиш-а!
— Ўн сўм сўради. Бозорга келган экан, етмай қолибди. Айтди-ку! Бошқа қанча пул берибмиз?
— Қўйинг, билмайди деб ўйлайсизми? Доим мендан яшириб бериб юборасиз.
— Қанча олишимни биласиз-ку, — Раҳим Саидовнинг жаҳли чиқа бошлади. — Тўппа-тўғри қўлингизга олиб келиб бераман. Нега ёлғон гапирасиз?
— Ана шу-да. Ёлғончига ҳам чиқдим энди. Синглингиз тўғри гапиради, ойингиз фариштанинг ўзи. Битта мен ёмонман. Ўлай мен сизга тегмай!..
Шундай пайтда Мунисхонни тўхтатиб бўлмасди, овутиб ҳам бўлмасди. Овутиш учун айтилган гап ҳақоратдек туюларди. Аввал ичида синглиси, ойисининг ёнини олган Раҳим Саидов жанжал қизигач, уларни уришди. Кейин эса жанжал доираси ўзларининг муносабатларига бориб тақалди. Тутаб турган пилик куйиб керосинга тушди. Мунисхон лов этиб ёнди-да, чамадонини кўтариб, қора юбкасида Қўқонга қараб жўнади.
Меҳмонда ўтириб, Раҳим Саидов Фариданинг эрига қилаётган муомаласини кўрди, эзилди, Қўқонга бориб, хотинига ялинганини эслади. Ўшанда Мунисхон бир мартаям «айб мендан ҳам ўтди», дегани йўқ, димоғ билан уйга қайтди.
Ниҳоят, меҳмондорчилик тугади. Уйга етгунча иккалови чурқ этгани йўқ. Муюлишда Мунисхон чидамади шекилли, деди:
— Мени роса уялтирдингиз. Сал одамга ўхшаб ўлтирсангиз, асакангиз кетармиди!
— Сизни ўйлаб ўтирдим-да... — деди Раҳим Саидов пичинг билан.
— Ў, чиён!
Мунисхон шундай деди-да, чопқиллаб кўчани кесиб ўта бошлади. У ҳам, Раҳим Саидов ҳам орқадан келиб қолган машинани кўришгани йўқ. Машина шундай Мунисхоннинг қўлига тегиб тўхтади.
— Қараш керак-да, бундоқ, опа! — қичқирди шофёр. Раҳим Саидов югуриб келиб хотинини қучоқлади.
— Ҳеч нарса қилмадими?
— Йўқ, — деди Мунисхон, унинг кўкрагига бошини қўйиб. — Юрагим чиқиб кетай деди.
— Энди зарда қилмайсиз, — кулди Раҳим Саидов унинг бошини силар экан.
Ўшанда унинг хаёлига ёмон фикр келди: машина хотинини ёки ўзини босиб кетганда нима бўларди? Иккалови бир-биридан қутуларди. Бундай аҳмоқона ташвишлар бўлмасди. У шундай ўйлади-ю, ўз фикридан ўзи чўчиб кетди. Албатта, машина ҳозир уни эмас, хотинини уриб юбориши аниқ эди. Наҳот у шуни истади? Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас. У Мунисни яхши кўради, усиз яшай олмайди.
Раҳим Саидов бир неча марта шу воқеани эслаб, ўзидан ўзи уялиб юрди. Ҳозир ҳам ўша воқеа эсига тушди-ю, қизариб кетаётганини пайқади. Ўшанда у хотинининг ўлими уни бунчалик азобга солишини билмаган эди. Азобга у рози эди, ҳатто умр бўйи азоб тортиб, ҳаётини ёлғизликда ўтказишга ҳам тайёр эди. Шундай қарорга келди ҳам, ўзига ваъда берди ҳам. Хотинининг ўлимини эшитган куни шундай ўйлади, эртасига ҳам, уни кўмишганда ҳам. Энди эса бу азобга янги азоб қўшилган, бу азобнинг аввалгисидан ҳам ёмонлигини у тушунган эди. Қани энди ҳозир Мунис тирик бўлса! Очиқ-ойдин гаплашарди, агар алдагани, унга хиёнат қилгани рост бўлса, уйдан бошини олиб чиқиб кетарди. Кейин нима қилса қилсин Мунис: истаса, ўнтаси билан юрсин, унга барибир эди. Чунки унда битта нарса уни қийнарди: ёлғизлик, холос!..
Олдинда хиёбон кўринди. Раҳим Саидов шу ерда бир пас бўлгиси келди. У бу хиёбонни севарди. Серсоя, баланд арғувон, чинорлар остида студентлик йиллари кўп юрган, ажойиб режалар тузган, хаёлларга эрк бериб, кечалари юлдузларнинг кўз илғамас йўлларини ахтарган... Шу ерда бир неча бор Мунисхонни бағрига босган, қоронғида ялт-ялт ёнган кўзларидан, иссиқ лабларидан ўпган... Раҳим Саидов кўп учрашувларни шу ерга тайин қиларди ва бетоқатлик билан уни кўтарди. Бир марта вақтида келмади.
Бир соат кутди. Йўқ. Икки соат кутди — йўқ. Охири хавотир олиб энди ётоқхонага бормоқчи бўлиб турганида Мунис кўринди. Унинг юраги тўлқинланар, зўрға нафас оларди.
— Бирам чопдим, бирам чопдим, — деди у Раҳим Саидовнинг бағрига ўзини ташлаб. — Энди кетаман деб турганимда, дадам келиб қолсалар бўладими?! Меҳмонхонага олиб бордиму, бу ёғига чопдим. Кўп кутдингизми?
Ҳа, у жуда ажойиб эди у пайтлари! Меҳрибон, мулойим, содда, яна нима деса бўлади? Яна Раҳим Саидовни яхши кўрарди. Жудаям яхши кўрарди. Кичкина, нозик, бирам сергап!.. Ўша кеч қолган куни оппоқ туфли кийган эди, эгнида катта-катта бинафша гулли енгсиз кўйлак. Текис таралган қалин сочлари битта ўрим қилиб орқасига ташланган... Қизиқ, нега одамлар турмуш қурганларидан сўнг бунчалик тез ўзгариб кетар эканлар? Сабаб нима? Раҳим Саидов ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезмасди. Албатта, у ўзгарди: улғайди, оила ташвиши бошига тушди, дунёқараши кенгайди. Лекин Мунисга нисбатан қилдек ўзгариш сезгани йўқ ўзида. Мунис эса бирпасда бошқа одам бўлди-қўйди. Ё илгари ҳам шундай эди-ю, Раҳим Саидов пайқамаганмиди?!
Унинг группасида бир қиз бор эди. Адолат. Ҳозир у қаерда, нима қилади, номаълум. Яхши ўқимасди. Бир амаллаб диплом олсам бўлди, деб ўзи айтарди. Иккинчи курсдан сўнг у Раҳим Саидов билан анча яхши бўлиб қолди. Уларни ҳамма опа-ука деб чақирадиган бўлиб қолишди. У Раҳим Саидовдан уч ёш катта эди. Ўртоқлашиб кетишгач, Раҳим Саидов унинг эрга тегиб чиққанини, ҳатто битта боласи борлигини билди. Раҳми келиб, қўлидан келганича ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам бериб турди.
Ўқишлар битди. Ҳамма ҳар тарафга тарқаб кетди. Тўйга яқин Раҳим Саидов Мунисга туфли олиб бермоқчи бўлиб, универмагга кирганида Адолатни кўриб қолди. Қуюқ сўрашишди. Қишлоғида ўқитувчилик қилаётган экан. Раҳим Саидов Мунис билан таништирди. Учалови кейин бирга пойафзал бўлимига боришди. Мунисхон энг қиммат, энг чиройли бир туфлини танлади. Ўлчаб кўраётганида оёғига сиғмади. Шунда Раҳим Саидов энгашиб ёрдамлаша бошлади. Туфли олинди. Универмагдан чиқишаётганда Адолат уни чеккага тортди:
— Танлаган қизинг яхши, лекин бунчалик эгилаверма, бошингга чиқиб олади. Хафа бўлма-ю, кўзидан билиб турибман.
Раҳим Саидов кулди.
— Белим унча-бунчага эгилмайди. Лекин ҳозир ёмон иш қилдимми?
— Тушунмадинг, — деди Адолат. — Майли, ишқилиб бахтли бўл.
Наҳотки аёллар бир-бирини шунчалик яхши билса? Қани энди ҳозир Адолат ёнида бўлса! Албатта, биронта яхши маслаҳат берарди, кўнглини кўтарарди.
Раҳим Саидов хиёбон чеккасидаги скамейкага ўтирди. Шу ер тинч ва анча салқин эди. Сигарет тутатиб, ёнбошлади. Олисда, ҳайкал ўрнатилган майдоннинг орқасида кимнингдир калласи кўзига иссиқ кўринди. Унга тикилиб туриб, таниди. Бу у билан шампан виноси ичган официантка қизнинг боши эди. «Қизиқ, — ўйлади Раҳим Саидов, — эри ҳамон ичаётганмикан?» У кафега бориб, қиз билан гаплашмоқчи, муздек шампандан ичмоқчи бўлди. Ўрнидан қўзғалди ҳам, кейин айниди. Нимани гаплашади? Эриними? Ахир ичаётган бўлса, нима қилади ярасига туз сепиб? Қиз бошини орқага ташлаб кулди, яна кўринмай кетди. Аммо Раҳим Саидов анчагача ўша томонга термилиб ўтирди. Официантка бошқа кўринмади. Майдонда бир аёл пайдо бўлди. Баланд бўйлик, сочи калта қирқилган. Семиз чорси сумкаси елкасига осилган. Калта, баданига ёпишиб турган яшил кўйлаги, узун оппоқ оёқларини янада оқартириб турарди. Раҳим Саидов беихтиёр унга қараб қолди. Аёл майдонни кесиб ўтиб, кенг йўлкадан у томонга кела бошлади. Раҳим Саидовнинг юраги дукиллаб уриб кетди. Аёл унга кимнидир эслатди. Ким экан? Яқинлашиб қолган аёл унга тикилиб турганини кўриб, тўхтади, у ёқ-бу ёғига қаради, кейин яна унга ўгирилди ва қичқириб юборди:
— Раҳим?!
— Света!
— Буни қара-я, Раҳим! Азизим!.. Аёл югуриб келиб, унга қўл узатди.
— Света! Наҳотки сен бўлсанг?
— Мен, Раҳим, мен! Салом, Раҳим. Яхшимисан?
— Ўтир.
Раҳим Саидов уни ўтқазди, ўзи ҳам ёнига ўтирди.
— Сени кўраман, деб сира ўйламаган эдим.
— Қачон келдинг? Тошкентда нима қиляпсан?
— Уч кун бўлди келганимга. Бир ёшлигим ўтган шаҳарни кўрай дедим. Тошкент ўзгариб кетибди, яхши бўлиб кетибди!..
— Ҳа, Тошкентни ҳозир таниш қийин. Хўш, аҳволларинг яхшими, даданг қалай. Аканг?
Раҳим Саидов суқ билан унга тикилди.
— Дадам пенсияда. Биз ҳозир Москвада турамиз. Володянинг ҳам ишлари яхши. Лекин жуда олисда.
— Қаерда?
— У геофизик. Антарктикада.
— Ўҳ-ҳў! Жуда узоққа кетибди-ку?
— Яқинда қайтади. Муддати тугайди. Раҳим, Раҳим... Биз сени кўп эслаймиз. Ўзинг қалайсан?
— Раҳмат, дуруст... — Раҳим Саидов ҳеч нарсани айтгиси келмади. — Аканг уйлангандир?
— Ҳа, иккита боласи бор, бир қиз, бир ўғил. Жуда ширин болалар!
— Ўзинг-чи? Ўзинг...
— Мен ҳам турмуш қурганман... Эрим... Саша, учувчи. Ҳозир Тошкентда. Мен у билан бирга келдим.
— Жуда яхши. Табриклайман.
— Раҳмат, — деди Света.
— Биз ўз кўчамизда тўхтадик. Эшитдим, Раҳим. Бошингга кулфат тушибди.
— Ҳа, шундай бўлди... Ҳеч кутмаган эдим...
— Фалокат ўзи шундай тўсатдан келади. Яхши кўрармидинг?
— Жуда ҳам.
Раҳим Саидов ростини айтди. Севарди уни. Усиз ҳаётни тасаввур қилолмасди. У шундай деди-ю, енгил тортиб кетди. Фикрлари ойдинлашгандек бўлди. Хотини уни қандай аҳволга солиб кетганидан қатъи назар, унинг муносабати ўзгармайди. Севган эди, севади. Унинг ҳақида энг яхши хотиралар билан қолади. У шу пайтдагина миясига келган бу фикрни қувватлаш, юрагига мустаҳкамроқ жо қилиш учун қўшиб айтди:
— У жудаям яхши эди...
— Эшитдим. Қўшниларинг айтишди. Кечқурунлари эшик тагида сени пойлаб ўтирар экан. Узокдан кўриши билан қаршингга югурар экан.
Шундаймиди? Раҳим Саидов эслаб кетди. Ҳа, эски ҳовлида туришарди унда. Чиндан ҳам трамвайдан тушиши билан у эшик олдида турган хотинини кўрарди. Мунис қўлини силкитиб, у томонга югурарди, кейин қўлтиғидан олиб уйга бошларди. Нега шуларни эсламайди у? Яхши кунлар ҳам кўп бўлган-ку, улар ҳаётида!..
— Хўш, бу ерда нима қилиб ўтирибсан? — унинг ҳаёлини бўлди Света.
— Шундай, ўзим... — юраги илиб, жилмайди Раҳим Саидов.
— Тушунаман, илмий ходим ижодий изланишда...
— Ижодий бўлмаса ҳам, тўғри топдинг, изланишда. Света! Эринг билан... Оти нима эди?
— Саша.
— Саша билан бизникига кел. Ҳозир адресимни бераман.
— Менинг ҳам адресимни ёзиб ол. — деди Света ва хўрсиниб қўйди. — Лекин сенга адрес бериш фойдасиз.
— Нега?
— Барибир жавоб ёзмайсан. Суратимни олганмидинг ўшанда?
— Ҳа. Жуда чиройли тушган экансан.
— Ҳозир-чи? Ҳозир хунукманми?
— Ҳозир янада очилибсан.
— Комплиментинг учун раҳмат. Нега хат ёзмадинг менга? Кўп кутдим.
Раҳим Саидов уялиб бошини эгди.
— Ёш эдик. Сен олисга кетиб қолган эдинг. Лекин суратларингни узоқ сақладим.
— Кейин хотининг йиртиб ташлади...
Раҳим Саидов жавоб бермади, гапни буриб, шошилинч сўради:
— Хўш, келасанми?
Хаёлга чўмган Света бошини кўтарди.
— Бошқа гал. Саша энди тез-тез келиб туради. Хўп, мен борай!
Света ўрнидан турди.
— Мунча шошмасанг?
— Саша билан учрашмоқчи эдик. Истасанг юр, таништираман.
— Бошқа гал. Мендан салом айт.
— Албатта айтаман. Хўп, хайр. Сиқилма кўп, Раҳим. Энди фойдасиз. Фақат... Фақат... унутмасанг бўлди.
Раҳим Саидов кўзларини юмиб бошини эгди ва маҳкам унинг қўлини сиқди.
— Хайр.
У Света кўздан ғойиб бўлгунча орқасидан хомуш қараб қолди. Кейин қўлидаги ручкани кўриб, ҳайрон бўлди. Нега қўлига олди уни? Эсига тушди-ю, ўзидан жаҳли чиқди. Адрес, адрес олишмоқчи эди бир-биридан. У югуриб хиёбондан чиқди, аммо Света кўринмади. У битта-битта юриб орқасига қайтди. Лекин ўтирмади.
Хаёлига нимадир келиб, хиёбондан чиқди ва троллейбус бекати томон йўл олди.
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, у «Гулчеҳра» магазинига кириб борди. Прилавка орқасида ёшгина қиз савдо қиларди. Уни кимнидир қидираётганини кўриб, қиз сўради:
— Ким керак эди сизга?
— Менга... менга Анатолий Назарович керак эди... — деди Раҳим Саидов ва негадир қизариб кетди.
— У киши ҳозир кетдилар.
— Бўлмайдиларми бугун?
— Йўқ, энди эртага келадилар.
Раҳим Саидов нима қилишини билмай жойида туриб қолди.
— Уйларини билмайсизми? — сўради у ниҳоят.
— Биламан. Самарқанд дарвоза, 16/44. Ўнг томондаги кўк дарвоза.
— Раҳмат.
Раҳим Саидов магазиндан чиқди. «Бориш керак, — ўйлади у. — Унинг хотираси учуноқ бориш керак. Шу билан ҳамма нарсага чек қўйилади. Дилида яна битта Мунис, у яхши кўрган, у яхши билган Мунис қолади. Иккинчисидан қутулади, бугуннинг ўзидаёқ шартта юрагидан узиб ташлайди. Аввал уйга кириш керак. Балки яна бирон нарса қолгандир? Ҳаммасини олади. Ҳаммасидан қутулади. Бирданига. Шу бугуноқ. Кейин тинчийди. Анатолий... Анатолий Назарович эмас, бошқа одам бўлсачи? Бунинг аҳамияти йўқ. У ёки унга ўхшаганларнинг бири. У шу одамни тахмин қилади. Шуникига боради...».
Муҳаббат уйда йўқ эди. Раҳим Саидов шкафни очди. Ҳамма нарса тартибли тахланган. Синглиси қилган бўлса керак. Бузишга тўғри келади. Суриштирса, кўйлагимни қидирган эдим, дейди. У шкафдаги ҳамма нарсани каравотга олиб қўйди. Тортмаларни битта-битта очиб ковлади. Йўқ, ҳеч нарса чиқмади. Трюмонинг тортмаларини очди. У ерда ҳам ҳеч нима йўқ эди. Ошхонага ўтди. Бу ерда нима бўлиши мумкин? Ҳар эҳтимолга қарши буфетни очди. Оғзи очиқ ярим шиша «Плиски» ҳамон жойида турибди. У беихтиёр рюмкани тўлатиб қўйди. Кейин, қараб қолди, тортмади коньяк. Шундай бўлса ҳам, ўзини мажбур қилиб бир кўтаришда дори ичгандек, ичиб юборди.
Буфетдан ҳам ҳеч нарса топилмади. Раҳим Саидов ётоқхонага қайтиб кирди. Бир каравот бўлиб ётган кийим-кечакларни битта-битта қўлидан келганча шкафга тахлай бошлади. Кийимлар кўп эди... Ҳаммасидан ҳамон фақат угина сеза оладиган Мунисхоннинг нафаси уфуриб турарди. Бу нарсаларни энди нима қилиш керак? Бирон-яримтага бериш керакмиди? Йўқ, тураверсин. Тургани маъқул. Шкафни ёпаётиб чўчиб кетди. Тошойна олдида Мунисхон тургандек туюлди. Тисарилиб, қўрқа-писа ўша томонга қаради. Йўқ, ҳеч ким йўқ эди. Юраги бир орзиқиб тушди. Йўқ, Мунисхон энди мутлақо йўқ. Уни энди ҳеч кўрмайди. Иссиқ бўсалар, охири худди янги танишган, янги турмуш қуришган кунларидагидек муҳаббат изҳор қилиш билан тугайдиган жанжаллар энди йўқ. У энди ҳувиллаган уйга ёлғиз кириб, ёлғиз тунайди. Мунисхон энди унинг юрагида, хаёлида...
Раҳим Саидов хўрсинди ва оғир қадам ташлаб уйдан чиқди.
Чорсуга ғира-ширада етиб борди. У шошилмасдан, пиё-да йўлга чиққан эди уйдан. Шоирлар хиёбонида анчагина ўтирди ҳам. Қайси бир шоирнинг қўшиқ бўлиб кетган шеърини эслади:

Гулни гул дерму киши гулнинг тикони бўлмаса,
Ёрни ёр дерму киши ёрнинг жафоси бўлмаса?..

Давоми ҳеч эсига келмади. Давоми қизиқ бўлмаса ҳам керак. Ҳафизми, кимдир айтган эди, шоирлар битта сўз топиб олишса, атрофида достон битиб юборишади деб. Тўғри бўлса керак, бўлмаса эсига тушарди... Наҳотки жафо қилмаган одам, ёр бўлолмаса?
Олдинда учта кўча кўринди. Ўртадагиси Самарқанд дарвоза. Раҳим Саидов шу тор кўчага кирди. У негадир тинч эди. Нима тинчитганини билмаса ҳам, эрталабгидек хаёллари паришон, фикрлари чалкаш эмас эди.
Бир оз юриши билан ўнг томонда кўк дарвозанинг зиҳи кўринди. «Шу бўлса керак, — хаёлидан ўтказди у. — Ҳа, номери 16/44. Демак, шу». У яқин бориб, устунга қоқилган қўнғироқ тугмасини босди. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна босди. «Ҳозир» деган эркак овози эшитилди ичкаридан.
Кўп ўтмай дарвоза тавақасидаги эшик очилди. Раҳим Саидовнинг қаршисида бесўнақай бурунли, сержун бир одам пайдо бўлди. Бу — таниган бўлсангиз керак, Оллоёров эди. «Тўтиқушга ўхшайди, — деди ўзича Раҳим Саидов. — Мунисхон тўғри айтган экан».
— Келинг, — деди Оллоёров уни танимай.
— Мен Саидовман. Мунис... Мунисхоннинг эри. Оллоёров мурдадек оқариб кетди.
— Энди танидингиз шекилли?
— Ҳа, ҳа... танидим. Ичкарига... Ичкарига киринг! — деди тутилиб Оллоёров.
Раҳим Саидов жойидан қимирламади. «Урайми ё тупурайми?» — ўйлади у. Лекин бундай қилмади, чўнтагидан дурни чиқариб узатди.
— Олиб қўйинг, яна керак бўлиб қолар...
Оллоёров бир нарса деб ғўлдиради, у эшитмади. Орқасига қайтди.
Ана иш битди! Энди уни ҳеч нарса қийнамайди. Ҳамма ифлос нарсалар, ифлос хаёллар шу ерда қолди. Орқага ўгирилиш йўқ энди... У Чорсуга чиқди. Қаёққа борсин бу ердан? Албатта, уйга. Муҳаббат яна хавотир олиб ўтирмасин. Лекин пиёда боради. Уйдан Ҳафизга телефон қилади. Эрталаб вақтли ишга боришини айтади. У энди ишлаши мумкин. Тинч, хотиржам.
У майдонни кесиб ўтаётиб, тўхтади. Нима қилади, пиёда юриб? Тезроқ уйга боргани яхши эмасми? Ана, трамвай ҳам келяпти!..
У бекат томон юра бошлади. Шу топ нимадир қулоғи остида жаранглаб кетди, нимадир елкасига урилди. Кейин у думалаб кетаётганини пайқади ва ҳушини йўқотди.

9

Ғира-ширада шатир-шутур овоз дераза тагида ётган капитан Алиевни уйғотиб юборди. Алиев эринибгина бошини кўтариб, ҳовлига қаради. Уй олдидаги баланд сўрида ток барглари «гурр» этиб учган каптар қанотларидек титрар эди. Кўп ўтмай тунука томни ҳам патир-путур товушлар босиб кетди.
Эрига тескари ўгирилиб ётган Санобархон ғингшиди.
— Нима экан? — сўради Алиев ҳеч нарсага тушунмай.
— Мен мелисамасман, — тўнғиллади хотини. Отпуска бекор бўлганидан бери Алиев ундан бир оғиз ширин сўз эшитмай қўйган эди. Жаҳли чиқди-ю, индамади. Индаса борми, туни билан мижжа қоқмай чиқиши аниқ эди. Ҳозир ҳам ўзини босди.
Тарновдан жилдираб сув оқа бошлади. Алиев жунжикиб кетди.
— Ёмғир, — деди овозини чиқариб у. — Яхшиям ҳовлида ётмадик.
— Нима? — сўради Санобархон зарда билан.
— Ёмғир ёғяпти... — деди Алиев.
— Вой! — Санобархон сапчиб ўрнидан турди. — Кирларим ёйиғлиқ эди!
— Тинади ҳозир. Ёз ёмғири-ку бу! — уни юпатган бўлди Алиев.
— Бало бўлмайдими менга деса, барибир ёмғирда, — Санобархон апил-тапил халатини кия бошлади. — Идорайиззи иши бўлса бунақа ялпайиб ўтирмасдингиз!
Алиев ичида кулди ва хотини кетидан ҳовлига тушди. Илиқ томчилар худди ширадек елкаларига, бурнига ёпишди. Санобархоннинг ташвиш тортганича бор. Бемаврид ёмғир шундай ширадек том, ҳовли тўла довдарахтнинг чанги аралаш кирларга доғ бўлиб ёпишиши турган гап эди.
Алиев шоша-пиша бир қучоқ кир билан айвонга кўтарилганда телефон жиринглаб қолди. Капитаннинг юраги бир орзиқиб тушди.
— Эшитаман? — ташвишланиб сўради у.
— Кечирасиз, ўртоқ капитан, — трубкадан лейтенант Султоновнинг овози келди. — Саидовни кечқурун машина уриб кетибди.
— Тирикми? — шошиб сўради Алиев.
— Тирик. Боши ёрилибди, кейин... жиндек қовурғаси синибди.
— Жиндек деганингиз нимаси?.. — Капитаннинг жаҳли чиқди.
— Иккита қовурғаси синибди. Ҳозир ҳушига келган. Ухлаб ётибди. Хавотир олманг, ўртоқ капитан.
— Ҳозир бораман. Машина юборинг.
Алиев трубкани қўйди. Хотини эшитиб турган бўлса керак, ҳовлидан овози келди:
— Нечук бугун телефон қилишмади, деб турувдим ўзи.
— Қарашворайми?
— Бўлди. Ёғмай ўлсин, бемаҳалда! Алиев кийина бошлади. Хотини кирди.
— Анави ўлган жувоннинг эрини машина уриб кетибди.
— Вой шўринг қурғур. Қаттиқ урибдими?
— Билмасам. Ҳар ҳолда, тирикмиш.
Идорага келиб, у дарҳол лейтенант Султоновни чақирди.
— Шофер тутилдими?
— У қочган эмас, ўртоқ капитан. Ўзи касалхонага олиб борган. ГАИ инспекторининг айтишича, Саидовнинг ўзи айбдор. Шофер бир неча марта сигнал берган. Эшитмаганми, нима бало... Шофернинг айтишича, ўзини ташлаганмиш. Қизиғи шуки Собиржон ака, фожиа Чорсуда юз берган.
— Чорсуда? — ҳайрон бўлди капитан.
— Ҳа, Саидов Оллоёровнинг уйида бўлган.
— Тентак экан-ку Саидов, — капитан тутақиб кетди. — Ишнинг расвосини чиқарган бўлмасин тағин. Оллоёров уйдами?
— Уйида бўлиши керак, — деди Султонов. — Қорабоев кузатиб турибди.
— Боринг бўлмаса.
Султонов чиқиб кетди. Капитан стол тугмасига қўл узатди, аммо босмади. Ҳали эрта эди. Идорада деярли ҳеч ким йўқ. У «кабинетини қулфлаб, пастга тушди. «Нега Оллоёровникига борди экан? — капитан яна Раҳим Саидовни ўйлай бошлади. — Бориб нима қилади? Нега машинага урилди? Ғамданмикин бу, ёки...».
У Саидовни қотилликка алоқадор бўлишини истамасди. Яхши одам. Уни биринчи кўргандаёқ шу фикр хаёлидан ўтган эди. Иш тугагунча шу фикрда қолгиси келарди. Одамларнинг яхши-ёмонлиги пешанасига ёзиб қўйилмайди. Лекин ўн беш йиллик ҳаёт тажрибаси Алиевда қандайдир ички бир компас пайдо қилган ва унинг стрелкаси деярли бехато ишларди. Оллоёровни ҳам кўрмасидан, исминигина эшитиши биланоқ Алиевда унга нисбатан шубҳа туғилган эди. Раҳим Саидовга эса у фақат ачинди, холос. Албатта, бу тахминлар ҳали қанчадан-қанча исбот талаб қилади, сезгиларга кўр-кўрона ишониб бўлмайди. Шундай бўлса ҳам у Раҳим Саидовни айбдор санашга кўнгли бормасди. Айбсиз дейишга эса иш, қолаверса, эркаклик ғурури йўл бермасди. У жуда кўп марта ўзини Саидовнинг ўрнига қўйиб, уста шахматчидек бир қанча «юриш»лар қилиб кўрди. Деярли ҳамма «юриш»ларда Мунисхоннинг қилмишлари яширин қолмади. Ўлим билан тугаган фожиага келишга Саидовнинг бепарволиги ҳам сабаб бўлган эди. Албатта, агар у мутлақо пок, қотилликка аралашмаган бўлса! Агар аралашган бўлса фожианинг сабабчиси Оллоёров эмас, бошқа одам ва бошқа нарса бўлиб чиқади. Нима у? Ким?
Капитан машинага ўтирди.
— Қаёққа? — сўради шофер мудроқ босган кўзларини ишқалаб.
— Самарқанд дарвозага.
Улар Оллоёровнинг уйига етиб келишганда, кўча эшик олдида анча-мунча одамлар тўпланиб туришарди. «Ҳеч нарса изсиз бўлмайди», — хаёлидан ўтказди Алиев.
Сержант Қорабоев уни кўриб, честь берди.
— Одамларни нега тўпладингиз? — сўради капитан. Сержант «нима қилай» дегандек елкасини қисди.
— Ўртоқ капитан, тинчликми?.. — сўради кимдир.
— Мелисага иш керак, — пўнғиллади кимдир.
Алиев тўхтади. Кўнглида яхшилаб жавоб қилгиси келди-ю, ўзини босди.
— Тарқалишсин, — деди секингина сержантга ва ичкарига кирди.
Ҳовлининг ўртасида ва ровон олдида турган икки милиционер у билан саломлашди. Алиев ровонга кўтарилди ва беихтиёр чап томонга ўгирилди. Ровоннинг этагида худди биринчи гал келганида кўрганидек йирик кўзларини унга қадаб Оллоёровнинг онаси ўтирарди. Қўлида тасбеҳ, бошига узун дока рўмол омонатгина ташланган. Ажин босган лаблари нималарнидир шивирларди. Алиев сесканиб кўзини олди. Эртаклардаги даҳшатли ялмоғизни эслатадиган важоҳати билан кампир бу гал ҳам уни қўрқитиб юборган эди.
— Ўртоқ капитан! Бу қандай бемазагарчилик?! — ичкаридан Оллоёров чиқди. — Кеча қандайдир бир одам менга дўқ қилиб, бир ҳовуч дур ташлаб кетди. Бугун бўлса тинтув! Ҳеч нарсага тушунмай қолдим!
— Қўрқяпсизми? — тусмоллаб сўради капитан.
— Қўрқаётганим йўқ, лекин яхши эмас. Бировнинг уйига бостириб кириш!.. Кейин...
— Тўғри, яхши эмас, — уни бўлди капитан. — Бошқа чора йўқ. Чидашга тўғри келади.
— Худо чидашни Тўпа хўжага чиқарган! Капитан ялт этиб кампирга қаради. Гапирган у эди. Капитан яна бир нарса дермикин, деб кутди. Аммо кампир ҳеч нарса демади. Қўлларини ерга тираб ўрнидан турди, устунга тироғлиқ ҳассасини олди, ҳовлига тушди.
— Бечорага қийин бўлди, — деди хўрсиниб Оллоёров.
— Ёрдам беринг! — буюрди капитан милиционерлардан бирига.
Аммо кампир ёрдамни рад этди. Ҳассасини дўқиллатиб тротуардан кўча эшигигача етди-да, ҳовлига тушди. Олча тагига бориб чўнқайди.
— Эна! — қичқириб юборди шу тоб Оллоёров ва ровондан ўзини ҳовлига отди.
Аммо Алиев эпчиллик қилиб, билагидан ушлаб қолди.
— Тўхтанг! — деди у сокинлик билан ва билагини қаттиқроқ қисди.
Оллоёров бўшашиб, ровон зиҳига ўтирди.
Кампир қўллари билан олча тагини ковлаб, бир нарса олди-да, ўрнидан турди. Қандай борган бўлса, худди шундай изига қайтиб ровонга яқинлашди. Қўлидаги нарса лой ёпишган ўзбекча пичоқ эди.
— Нима қилиб қўйдинг, эна! — деди Оллоёров бўғиқ овоз билан.
— Худо буюрганини!..
Кампир пичоқни ровонга ташлади ва ҳассасини дўқиллатганича ўғли ёнидан ўтди-да, жойига бориб чордана қурди. Ҳайрат ичида қолган Алиев унинг сокин кўзларида ёш ялтираб кетганини кўрди.
— Нега ўлдирдингиз? — ўзини тутолмай сўради Алиев. Оллоёров бошини кўтарди. Унинг рангида ранг қолмаган эди.
— Эрининг ихтиросини олиб келишдан бош тортди. Кейин... Сизларга хабар бермоқчи бўлди.
Алиевнинг тусмоли тўғри чиқди. Мунисхон эрининг ихтироси учун шаҳид кетган. Ҳар ҳолда виждони бор экан. Енгилтаклик қилибди-ю, сотқинлик қилмабди.
— Олиб кетинг! — деди Алиев Оллоёровга ишора қилиб.
— Ўртоқ капитан! Ҳаммасини айтиб бераман! Инобатга олишингизни сўрайман! Ҳаммасини айтиб бераман.
Оллоёров икки томонидан қўлтиқлаган милиционерлар қўлидан чиқишга ҳаракат қилди.
— Эшитяпсизми? Ўртоқ капитан!..
— Бошқа иложингиз ҳам йўқ. Албатта, айтиб берасиз. Ичкари хонадан лейтенант Султонов билан ўрта ёшли бир киши чиқди.
— Маҳаллаком Қодиров, — таништирди лейтенант.
— Бўлдиларингми? — сўради капитан.
— Қаёкда?! — энсаси қотиб жавоб қилди лейтенант. — Фақат рўйхатга икки кун керак.
— Амир Бухоронинг хазинаси экан бу уй, — қўшиб қўйди Қодиров. — Маҳаллани ҳам ҳаром қилди ярамас.
— Энди қутулдингиз, — юпатди Алиев ва лейтенантга ўгирилди. — Бўпти бўлмаса, мен кетдим.
Капитан кўча эшикка етганида тўхтади ва орқасига қайт-ди. Ровонга кўтарилиб, кампирнинг ёнига борди.
— Раҳмат, она. Бизга катта ёрдам қилдингиз. Ҳаракатсиз кўзларини ҳовлига қадаган кампир жавоб бермади, лабларигина нималарнидир шивирлади.
Алиев Чорсудан тўғри ТошМИга борди. Ҳамшира қиз уни Раҳим Саидов ётган палатага бошлар экан, сирли оҳангда сўради:
— Бу одам ким ўзи, ўртоқ капитан? Эрталабдан бери касалхонага одам тўлиб кетди.
— Катта одам, — жавоб қилди Алиев.
Ҳамшира гўё тушунгандек «ҳа-а!» деб бошини қимирлатиб қўйди.
Раҳим Саидов дераза ёнида ётарди. Боши боғланган. Қорамтир юзларида кўк дори сурилган чизиқлар. Капитанни кўриб, у ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди.
— Ётаверинг, ётаверинг! — Алиев югуриб бориб қўлидан ушлади. — Қалай аҳволлар, Шерлок Холмс?
Раҳим Саидов кўзи билан жилмайди.
— Олиб бориб бердим, ҳаммасини олиб бориб бердим!..
— Биламан, — деди Алиев, — яхши қилибсиз.
—   Ўша эканми?
—   Ҳа.
— Нега... Нега ўлдирибди?
— Сизнинг ишингиз деб.
— Менинг ишим? — ҳайрон бўлди Раҳим Саидов.
— Ҳа. И-109 С деб. Улар препаратингизни ё ўғирламоқчи, ё йўқ қилмоқчи бўлишган. Хотинингиз... Мунисхон бош тортган.
— Демак, Мунисда айб йўқ?
Алиев бир оз ўйланиб турди-да, кейин бошини эгди.
— Мутлақо.
Раҳим Саидов кўзини юмди.
— Улар кўпчиликми? — сўради у бир оздан сўнг.
— Ижрочиси қўлимизда. Иш энди бошланади.
— Ўртоқ капитан, шоферга тегишмасин. Қоидани мен ўзим буздим. Хаёл билан...
— Хўп бўлади, — Алиев ўрнидан турди. — Бошқа гапингиз йўқми?
Раҳим Саидов бошини қимирлатди.
— Раҳмат.
Алиев уни тушунди-да, эҳтиётлик билан қўлини қисиб кўйди.

1973 йил.

Ўлмас Умарбековнинг «Танланган асарлар»и II жилдидан олинди.
(«Шарқ» НМАК Бош таҳририяти, Тошкент — 2005)