forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 15:38:37

Nom: Muhammad Yusuf. Bulbulga bir gapim bor
Yuborildi: AbdulAziz 05 Fevral 2011, 15:38:37
Muhammad Yusuf. Bulbulga bir gapim bor

(http://www.ziyouz.com/images/books/muhammad_yusuf_bulbul.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1057)

Muallif: Muhammad Yusuf
Hajmi: 1,47 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1057)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5598.0)
Nom: Re: Muhammad Yusuf. Bulbulga bir gapim bor
Yuborildi: Humayro 01 Iyul 2011, 11:32:53
Муҳаммад Юсуф

БУЛБУЛГА БИР
ГАПИМ БОР


Шеърлар


Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1987



ЮРАГИМ

Тупроқ юртим менинг,
Тўпори юртим,
Кўзимга тўтиё ғубори, юртим.
Энг хушрўй гуллар хушрухсори юртим,
Энг хушбўй боғларнинг ифори юртим,
Энг баланд тоғлардан юқори юртим,
Муроди кўнглимнинг хумори юртим...
Бенаво билмаган,
Бедард сигмаган,
Беюзга бенасиб дийдори, юртим!


* * *

Таниш терак. Ариқ ёқаси.
Бўтана сув, ширин лойқа сув.
Тол кўчада отлар тақаси...
Канча бўлди кўрмаганимга.

Ялпиз ҳиди тутган далалар,
Гапга чечан боғчахолалар,
Беланчакда ётган болалар...
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Тоғ ортидан мўралаган кун,
Шийпонлардан ўрлаган тутун,
Тут шохига осилган тугун...
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Ўқариқдек ёлғизоёқ йўл,
Менга илҳақ, менга муштоқ йўл,
О, қадрдон бир жуфт қадоққўл,
Қанча бўлди кўрмаганимга.

Ёғоч эшик очилар секин...
Тошмеҳрман мен жуда, лекин
Ҳозир йиғлаворишим мумкин —
Қанча бўлди кўрмаганимга...


МИРЗАМУРОД ДЕҲҚОННИНГ НЕВАРАЛАРИГА АЙТГАНЛАРИ

Уч норим бор менинг, учта шоввозим,
Тўлқин ўғлим, Зоҳид ўғлим ва Нозим.
Мен бир кун уларга айтдим дил розим
Болаларим, ҳалол яшанглар...

Ким билмас бобонгиз Мирзамуротни,
Умри уватларга сочилган зотни.
Уялтириб кўйманг сиз ҳам бу отни —
Болаларим, ҳалол яшанглар.

Орзулар сизники. Ўқиш қочмайди,
Ўқиб юлдузга шеър тўқиш қочмайди.
Нопокларга иқбол юзин очмайди —
Болаларим, ҳалол яшанглар.

Дерлар: той босади от босган изни,
Айланиб ўтинглар ёт босган изни.
Мирзоларнинг руҳи қўллагай сизни —
Болаларим, ҳалол яшанглар.

Юзим ёруғ бўлса — ёруғ жаҳоним,
Ширин сўзга маҳтал ширин забоннм.
Офтобга термулай оғринмай жоним —
Болаларим, ҳалол яшанглар...


* * *

Марҳамат томонга йўлингиз тушса,
Кезиб Улуғтоққа туташ қирларни,
Суҳбатин олинг бир шийпонда, тушда
Офтобда қорайган бригадирларнинг.

Осмон чўғлар сочар уватлараро,
Саратон қуёши ёндирар юзни.
Кўнглингиз шивирлаб айтади сизга
Деҳқоннинг ёнида, кимлигингизни.

Абдували дейсиз — жарангламайдн,
Абдиҳошим оти анов инсоннинг.
Фарҳоддек девкомат эмаслар, лекин
Шулар гуллатмоқда Узбекистонни.

Бизни мафтун этган камалак ранги,
Райҳонга қўшиқлар битамиз туман.
Улар ўпкасида ўқариқ чанги,
Бригадирлар тирик ғўзаси билан...

Марҳамат томонга йўлингиз тушса,
Пайкалларга боринг кечиб лойларни.
Секин гапга солинг хирмонда, тушда
Серқадоқ, тортинчоқ Турсунойларни.

Майсалар бўйнидан қучмоқ муроди,
Ирмоқлар елади тик адирлардан.
Она-ер ҳикматин шотутдан сўранг,
Ватан меҳрин сўранг бригадирлардан,


ФОЗИЛЖОННИНГ ОНАСИ

Фозилжон билан бирга пионерга ўтган эдик. Кейин кўришмагаимиз. Энди кўришмаймиз ҳам... У Афғонистонда хизмат бурчини ўтаётиб қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Фозилжоннинг онаси ҳаммани «сиз»лаб қолди,
Токчаларда сарғайган хатларин излаб қолди:
Баҳорда эшик очгал қўлларим музлаб қолди,
Нега болам келмайдн, нега бслам келмайди?..

Осмонларнинг бағрнда неча ойлар тўлишди,
Қалдирғочлар қуёшга парвоналар бўлишди,
Фозилим билан кетган лайлаклар ҳам келишди,
Нега болам келмайди, нега болам келмайди?..

Мен ҳам ундан айрилиб қолганимга кўнмаймаи,
Фозилни мен қўшиқдек юрагимга кўмгайман.
Бу қўшиқни энди мен ўлгунимча куйлайман:
Нега болам келмайди, нега болам келмайди.

Бу кўшикни мен чўғдек сочаман пойингизга,
Учқунлари чарсиллаб тегсин бир жойингизга,
Нақароти ёр бўлсин энг эркатойингизга,
Нега болам келмайди, нега болам келмайди!.


БРИГАДИР

Ленин орденли бригадир А. Аҳмедов ҳаётидан лавҳа

Уни танишади қишлоқда,
Ҳатто тилга олмай туриб отини.
Лўндагина қилиб айтсам агар мен:
Кунда кир ювади хотини...
Кўҳликкина хотини,
Шўрликкина хотини.
Кунда кир ювар-да, тушунаолмас
Эри бригадирми,
Тракторчими?..

Лекин гап бундамас,
Гап шундаки,
Кимки астойдил
Ерга меҳр қўйса,
Кайтади бир кун.
Қора терни сидириб туриб,
Чўлпиллатиб ўпиб пешонасидан,
Эли унга раҳмат айтади бир кун.

Мана қуллуқ қилар
Бу кун эл,
Марҳаматдан тортиб Асака.
Оёққа қалқийди каттаю кичик,
Уни кўриб: — Бригадир ака!..

Эҳ-е, бу кунларга еткунча
Озмунча машаққат чекмади.
Юрагини анов инжиқ ерларга,
Тилагини анов инжиқ ерларга,
Неча қайта экмади.
Гап бунда ҳам эмас.
Гап шундаки,
Кимки астойдил
Ерга меҳр қўйса,
Қайтади бир кун.
Қора терни сидириб туриб,
Чўпиллатиб ўпиб пешонасхдан,
Эли унга раҳмат айтадн бир кун.

Аммо,
Қаердасиз, ўртоқ мухбирлар,
Нималарни кўзлаб юрибсиз?
Яна қаерларда,
Яна қайси бир
Пуфак қаҳрамонни
Излаб юрибсиз?!.

Истардимки, бу кун
Бор ишни ташлаб,
Бир кишини йўқлаб келсаларингиз
Десаларингиз:
Абдиҳошим Аҳмедов,
Мунча озғинсиз.
Мунча бўлиқ ғўзаларингиз...


ЙИГИРМАНЧИ АСР

Фарҳодлар видеога мўлтираб ўсар,
Ширинлар бир-бирин сочини кесар,
Шудгорни ким кечар,
Дарёни ким тўсар,
Йигирманчи аср, аҳволинг ёмон...

Фасллар айланар,
Битта фасл йўқ.
Қаҳратон кечиккан кузга урар дўқ.
Аъзои баданинг снаряду ўқ
Йигирманчи аср, аҳволинг ёмон...

Нима дейсан яна газеталарга,
Қанотли, қанотсиз ракеталарга,
Кўзингга термулган планеталарга?..
Йигирманчи аср, аҳволинг ёмон.

Йўлдошни қучоқлаб йиғлайди осмон,
Кемалар пойида титрайди уммон,
Эрта ер юзида ким қолгай омон?..
Йигирманчи аср, аҳволинг ёмон.

Тинчлик — шудир менинг энг эзгу сўзим,
Овутиб яшарман ўзимни-ўзим,
Кўзимга жавдирар бир яшар қизим...
Йигирманчи аср, аҳволинг ёмон.


ОТА

Сирожиддин Саидовга

Ота, ғўзангизни сув босиб кетди,
Чумчуқ вайрон қилди жўхорингизни.
Менинг китобларим бир жамбилбаргча
Ёзолмади лекин хуморингизни...

Телевизорлардан жилмаймоқ нима,
Мен шеърлар ўқидим, кўнглиз тўлмади.
Оқшом оқ даладан бир боғлам сомон
Келтирган болача нафим бўлмади.

Қирқ йиллик осколка қийнади бир кун,
Сиз ётиб қолдингиз, бўлди керагим.
Учиб боролмадим самолёт бўлиб
Ота, деб осмонга тегиб курагим.

Кейин сиз кетдингиз. Бу ёруғ дунё —
Тўполон дарёни менга қолдириб.
Сўнгги ўтинчингиз айладим бажо
Кўзларимни тўсган сочимни олдириб!..

Меҳримни бошимга урайми энди,
Шеъримни бошимга урайми.
Менинг соғиичимни ютиб оғринмай,
Ёрилмай яшаган юрак-юракми?..

Ота, юзларимни сув босиб кетди,
Кўзёш пайҳон килди кўнглим гулзорин.
Менинг китобларим,
Менинг шеърларим —
Қадрингиз билмаган йилларим зори...


МЕҲМОН

Сувлар энди тиниқ тортган пайт.
Куз. Одамлар пахта теряпти.
Ногоҳ хабар таркалди: диққат,
Марҳаматга меҳмон келяпти!..

Келди. Кўрдик. Ана салобат.
(Билишган-да, «диққат» деганлар).
Деҳкон юртга ёғилди шеър, байт —
Меҳмонимиз шоир эканлар.

Далаларни айландик бир кун,
Бир кун чикдик от миниб кирга.
Бизлар унинг кўнглин овладик,
У мавзулар қидирди шеърга.

Кетар чоғда аммо хафадек,
Мени имлаб бармоғи билан,
Шивирлади қулоққа секин:
Марҳаматда ҳайкал йўқ экан...

Меҳмон кетди. Айтолмай қолдим,
Мен бир жавоб тополмай қолдим.
Куз. Одамлар пахта теряпти,
На уйимга қайтолмай қолдим.

Қайтсам: тилинг йўқми, деб сўрар,
Қайтсам: кўзинг йўқми, деб сўрар.
Айтар сўзинг йўқми, деб сўрар.
Жазирама пахта пайкали...
Марҳаматликларнинг ҳайкали.


САВОЛ

Ҳамма гапинг тўғри, афлотун.
Ерни чопиш керак, бўяш керак ромни.
Токни кўмиш керак кечикмай, лекин
Нима қилсак экан атомни?..

Китоб ёзиш керак. Тўй қилиш керак.
Суваш керак келин тушадиган томни.
Муолажа истаб санчиб қўяр юрак,
Нима қилсак экан атомни.

Деҳқон болалари ўйнар хирмонда,
Симга боғлаб олиб бир тешик жомни.
Учувчи кулади кўриб осмонда,
Нима қилсак экан атомни.

Кулол минг асрлик гумбазни тиклар,
Жарроҳ тирилтирар ўлган одамни.
Ўртоқ математиклар,
Ўртоқ физиклар,
Нима қилсак экан атомни?

Ҳатто энг севимли аёл қучоғида,
Унутолмайман мен гуноҳ-хатомни.
Бир савол—хол бўлиб ёнар унинг дудоғида:
Нима қилсак экан атомни?..

Бешикларни қучиб айланади Ер,
Оқар юзларидан маржон-маржон тер.
Нима қилсак экан атомни,
Нима килсак экан атомни?..


БИР КЕЧА

Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам
Нимага йиглайсан,
Мен нима қилдим?..

Ундай десам бўлмас,
Бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб сокин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.

Юлдуздан ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.

Ўйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
қўлим қисқа севгим, бўйларим узун.
Энди сен мен учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..

Чекаман. Тутунга тўлади хона
Илк севгим мўралар тўрт бурчагиндан.
Мен далли, юрагим мендан девона
Ётмайман деб йиғлар партўшагингда.


НОЗИМ ҲИКМАТ

Диёримга таъзим қилиб туғилдим,
Пойида бир гулдай, бир ҳулводайман
Аммо эгик бошдан унга нима наф,
Дилга нима ҳузур билмайман,
Юрак зорланади, зорланаверар.

Билмайман, мен қандай узарман қарзим,
Уйлаб дил увушар, қор босган қирдай.
Улуғтоғ пойида тўқсон йил яшаб,
Чўққи кўрмай ўлаётган кампирдай
Юрак зорланади, зорланаверар.

О, менинг ёлғизим, меҳрибонларим,
Юрт кулса кулганим-суюнганларим.
Йиғласа-йиғлаган, куюнганларим,
Сизларни ўйласам, ўйлаган сарим
Юрак зорланади, зорланаверар.

Диёримга таъзим қилиб туғилдим,
Пойида бир гулдай, бир ҳулводайман.
Лекин эгик бошдан юртга нима наф
Дилга нима ҳузур, билмайман.
Юрак зорланади, зорланаверар.

Денгизлар ортида бир юрт бор обод,
У ерда одамдек яшар одамзод.
Инсонга меҳр энг олий мукофот,
Юртим, кулганингни кўрмасман наҳот?..
Юрак зорланади, зорланаверар.

Билганим азиздир барча ирқлар ҳам,
Ҳаммаси суйимли, ҳаммаси қардош.
Лекин она туркнинг мовий кўзлари...
Қора денгиз ўша кўздан ёққан ёш,
Юрак эса ёнар—зорланаверар.

Билгум, тугар сабри сабримнинг бир кун,
Қамишлар босади қабримни бир кун.
Улсам қадри ошгай қадримни бир кун,
Бироқ сен-чи, юртим, Сен қачон куларсан,
Сен қачон озод ва обод бўларсан?
Юрак зорланади, зорланаверар...


АНЖЕЛИКА

Эвакуация қилинган бир оила бнзникида яшаган. Она-бола. Белоруссиядан. Онасининг оти ҳозир ёдимда йўқ. Қизнинг исми Анжелика эди...
Поезддаги суҳбатдан.

Қирғин жанглар борар эди Мағрибда,
Қачон тугашини билмаймиз.
Синфимизга бир қиз келиб қўшилди —
Сочи сунбул, кўзлари ялпиз.

Анжелика!
Отасини отишган.
Анжелика!
Уйига бомба тушган.
Шундай озғин,
Шундай озғинки,
Баргизубга ўхшатиш мумкин...

Менга қизлар ялинади ҳар окшом,
Юр, фашистни кўрганмикин, сурайлик,
Кетдик дейман. Аммо билиб қўйинглар,
Анжелика ҳаммангиздан чиройлик!

Қалампирни ҳам мева деб ўйлайди,
Узиб бер, деб кунда мени қўймайди.
Кунботарга караб юм-юм йиғлайди...
Анжелика ҳаммангиздан чиройлик!

Кунботарда ўклар чақнар юлдуздек,
Жасадлар дор узра бўғотда муздек.
У ёқда укаси қолган тўрт ойлик,
Анжелина ҳаммангиздан чиройлик.

Туршакларга тўлиб кетар қўйинлар,
Қизлар тўхтаб қолар: ўйлаб кўрайлнк...
Ўйлайверинг, аммо билиб қўйинглар —-
Анжелика ҳаммангиздан чиройлик!..

Тунлар кўчиб, зафар тонг отар бўлди,
Чеҳрасига термуламиз — тўймаймиз.
Синфимиздан бир сулув кетар бўлди,
Сочи сунбул, кўзлари ялпиз.

Кунботарга елиб борар паровоз,
Бир қиз йиғлар: хат ёзишиб турайлик,
Бир қишлоқ қиз йиғлар ундан узмай кўз:
Анжелика... ҳаммамиздан чиройлик.


ХИРМОНДАГИ БОЛА

Бундай қарамагин, чақалоқ.
Мен ҳалол одамман ҳар ҳолда.
Чайқаларди ҳар йил кузда менинг ҳам
Беланчагим шу букри толда.

Ёрилган қўлларга термулиб юриб,
Шу ялпиз далада мен ҳам бўй етдим.
Кейин шеър йиғлади тушимга кириб,
Кейин ўзим йиғлаб Тошкентга кетдим.

На Ойбек йўқ эди,
На Ғафур Ғулом.
Миртемир йўқ эди,
Усмон Носир ҳам...

Навоий сатрига термулиб юриб,
Тўйдим жамолини бу кўҳна элим,
Кейин сен изладинг тушимга кириб,
Кейин ўзим излаб ёнингга келдим...

Бундай қарамагин. Бундай қарамагин,
Сен худди ўзимсан, хирмондаги бола..
Менинг, майли шодон, менинг, майли ғамгин
Энг гўзал сўзимсан, хирмондаги бола!

Мен келдим, шул шаффоф сўзимни тониб,
Мен билдим, юракдан Ватанни севмоқ —
Беланчак осилгап толларни ўпиб,
Чақалоқ кўзига ҳалол термулмоқ...


МЎМИНЖОН

Мўмин сувчи
Ғўзага сув тараб юрар,
Иш пайти юракдан ишлаб,
Яйраб юрар.
Бўш пайти ғишт қуйишга ҳам,
Яраб турар.
Қиш пайтида шийпонга ҳам,
Қараб турар...

Мўмин деҳқон —
Далададир куни билан,
Ғўзасига
Парвонаднр куни бнлан.
Офтоб таниш,
Танададир куни билан...
Шериклари
Панададир куни билан.
Шериклари —
Пихии ёрган маст туялар.
Шериклари —
Хачирдан ҳам паст туялар.
Мўминжондан кулишади;
Содда одам!..
Мўминжонни қилишади аскиялар.
Мўмин сувчи
Бир кун оғриб қолди, товба,
Қорнин ушлаб,
Уйига йўл олди зўрға.
Тут суяди,
Тол суяди,
Ер суяди,
Хотинининг олдига етволди, зўрға...

Мўмин деҳқон.
Мўмин энди... ногирон чол.
Кўзига тик қаролмайди Йўламатол!
Не бўлди, деб сўролмайди Йўламатол,
Мўмин бутун Марҳаматга тирик савол!
Мўмин энди ғўзага сув тарамайди,
Иш пайти юракдан ишлаб яйрамайди.
Бўш пайти ғишт қуйишга ҳам ярамайди,
Қиш пайтида шийпонга ҳам қарамайди...


СИНГЛИМГА МАКТУБЛАР

Қачон хат ёзгандим сенга, билмайман,
Қофия билан банд бугун тош кўнглим.
Ёлғиз аканг бўлиб,
Ёнингда юрмайман...
Кечир мени, синглим,
Кечир мени, синглим!

У ёқда шотутлар
Тўкилар сувга.
Қовунлар ёрилар,
Сен йўл карайсаи.
Тупроқ кўчаларда,
Муштоқ кечаларда,
Ёз — мени соғиниб сарғайган майса.

Умримни юлқилаб,
Йилларим ўтар.
Юрак йиғлайди-ю,
Айтмас дардини.
Мен шеърим қўлтиқлаб
Кун бўйи излайман,
Адабий ходимнинг битта мардини.
Бирига кандайдир туроқлар дастак,
Бирин ўйлантирар ҳали ёшлигим:
Нега бу шеърингиз отлар ҳақида,
Уларни ёқтирмас менинг бошлиғим...

Гоҳ тўлиб кетаман,
Қандай гап ахир,
Қўйгил мени дейман эй, ширин азоб
Қуёшга термулай,
Ерга босай бағир,
Қўшиқлар куйлашга бошқа одам топ!..

Яна кайсар руҳим,
Жонимни чўқир,
Ёз дейди.
Сингилжон, қўрқай нимадан?..
Энг гўзал шеър
Сенинг ёрилган қўлинг,
Ҳамма бошлиқларнинг
Бошлиғи — Ватан!..

Қайдаи келди менга бу дард,
Билмайман.
Юрак йиғлайди-ю,
Айтмас дардини.
Шеъримни қўлтиқлаб,
Кун бўйи излайман,
Адабий ходимнинг битта мардини.

Бирига қандайдир туроқлар дастак,
Бирин ўйлантирар индамаслигим:
Нега бу шеърингиз ҳижрон ҳақида,
қайғуни ёқтирмас, дейди бошлиғим.

Кейин яна шотут тўкилар сузга,
Беҳилар ҳидига тўлади хонам.
Айвонда,
хирмонда,
Анжон томонда,
Куз — мени соғиниб сил бўлган онам
йиғлайди,
бу йил ҳам
келмади, болам...
Қачон хат ёзгандим, сенга
Билмадим.
Қофия билан банд менинг тош кўнглим.
Ёлғиз аканг бўлиб,
Ёнингда юрмадим...
Кечир, мени синглим,
Кечир, мени синглим!


* * *

Бир йил бўлди,
Сендан келган хат —
Қалин китоб ичида диққат.
Мен эса банд,
Мен овораман,
Марҳаматга қачон бораман?..

Бугун дўстим туғилган куни,
Табриклайман гул билан уни.
Торт кесаман,
Тарвуз ёраман...
Марҳаматга қачон бораман?

Диёримнинг байрамлари шўх,
Байрамларда эса билет йўқ.
Бир кассирга минг ёлвораман,
Марҳаматга қачон бораман?..

Чимилдиққа кирмоқда бир қиз,
Эсиз, увол кетди севгимиз.
Ноиложман,
Йўқ, бечораман,
Марҳаматга қачон бораман...

Менга минг жуфт нигоҳ қадалар,
Бошланади мушоҳадалар.
Ўзи ёмон,
Юзи қораман,
Марҳаматга қачон бораман...

Мен эса банд,
Мен овораман.
Торт кесаман,
Тарвуз ёраман.
Бир кассирга минг ёлвораман,
Марҳаматга қачон бораман!..


ЭЙ, ДИЛ...

Бўйи райҳон юртимнинг
Қадрин билиб юрдимми.
Кулганда шод,
Куйинганда
Бағрим куйиб юрдимми?
Дардин олай дедим,
Лекин
Дардин билиб юрдимми?..
Эй дил, сен айт!

Билиб, қачон
Дармон бўлдим,
Билмай қачон бердим панд,
Хуш чоғини
Кўзга суртиб.
Қучогини айлаб банд.
Юртим менга
Она бўлди,
Нима қилдим мен —
Фарзанд?
Эй дил, сен айт!

Ой нурида ханжардек
Ялтирайди майсалар,
Бобо Широқ
Елкасида
Қалтирайди, найзалар.
Сендан қандай
Садо бўлар,
Жонимга тиғ сайсалар?..
Эй дил, сен айт...

Бизга Ватан
Шамсимоҳдир,
Бизга паноҳ шу Ватан.
Доим ҳамроҳ
Шу Ватандир,
Доим огоҳ шу Ватан.
Энди кимдир,
Совут кийган,
Тўмарисни билмаган?..

Эй дил, сен айт!
Гиёҳ унмай,
Ер йиғлайди,
Чингиз ўтган жойларда.
Кўксимда бир
Шеър йиғлайди,
Чингиз ўтган жойларда.
Тулпор изи,
Тошга сизиб,
Сўроқлайди сойларда:
қайда қолди
Жалолиддин
Мангуберди, қайларда?..

Воҳким, шамшир
Қиндан чиқса
Толиб — аҳли илм лол.
Бахил бир ҳақ,
Жоҳил минг ҳақ
Ғолиб, аҳли илм лол.
Фозилларинг
Аҳволидан
Сўйлай десам, тилим лол...

Ёғий забон
Юрт бошига
Ёгдирган дўқ-юлдузлар.
Ҳар чақнаган
Қуёшига
Ёғдирган ўқ-юлдузлар.
Ҳулкар эмас,
Зуҳал эмас,
Тили бўлса айтсин кўк —
Шўрлик элнинг
Кўзларидан
Сачраган чўғ — юлдузлар...

Бизга Ватан
Шамсимоҳдир,
Бизга паноҳ шу Ватан.
Доим ҳамроҳ
Шу Ватандир,
Доим огоҳ шу Ватан.
Энди кимдир,
Ўтда куйган,
Муқаннани билмаган?..
Эй дил, сен айт!

Қаранг, қадим
Самарқанднинг
Йўллари қон, сирғалар.
Мозийдан бир
Падаркушнинг
Қўллари қон, сирғалар.
Тиғ ялтирар,
Улуғбекнинг
Бўғзига жон сирғалар...

Аждодини
Билмаганда
Дил бўларми, айт ўзинг.
Қавм ёдини
Билмаганда
Дил бўларми, айт, ўзинг
Фарёдини
Билмаганда
Дил бўларми, айт ўзинг.
Эй дил, сен айт!

Боболаринг
Дастингдан дод
Уриб келса, нетарсан.
Унутдинг деб
Устингга от
Суриб келса, нетарсан.
Мирзо Бобур
Мозоридан
Туриб келса нетарсан?!
Эй дил, сен айт!

Бизга Ватан
Шамсимоҳдир,
Бизга паноҳ шу Ватан.
Доим огоҳ
Шу Ватандир,
Доим ҳамроҳ шу Ватан.
Энди кимдир
Оғир кунда
Қўлтигига кирмаган?..
Эй дил, сен айт!

Боқ, Машрабинг
Келар қайтиб
Ялангоёк. Қашқардан.
Оҳ, Машрабинг
Келар қайтиб,
Ялангоёқ Қашқардан.
Шоҳ Машрабинг,
Келар кайтиб
Ялангоёқ Қашқардан...

Ана, Тоҳир
Сувга чўкди,
Зуҳро ютди заҳри қон.
- Сайҳундарё,
Жайҳундарё
Овди бўлиб наҳри қон.
Зайнабларинг
Зардобидан
Кумушларинг, бағри қон,
Офтобойим
Руҳи бўлиб
Чирқирайди Марғилон!

Шоҳимардон
Тоғларида
Бир тош ётар беомон.
Бир мард ўглон,
Жўмард ўғлон,
Юртдош ётар паҳлавон.
Шўрони шеър
Қилиб энди
Куйлай олмас Ҳамзахон...
Эй дил, сен айт!

Юракда бир
Армоним бор,
Тугамайди сўйласам.
Юракда ҳур
Достоним бор,
Офтоб тинглар куйласам.
Юртим, сенга
Фидоларнинг
Ёдига мангу машъал —
Тупроққўрғон
Узра алвон
Байроқ ёнар бўйласам.

Инқилоб бу —
Ислоҳ демак,
Инқилоб бу —
Ер, сув, нон.
Инқилоб бу —
Жанггоҳ демак,

Инқилоб бу —
Имтиҳон.
Инқилоб бу —
Қутуғ кураш,
Инқилоб бу —
Қутлуғ қон!..

Сени кўриб
Қароғимда
Симлар ўсди, Майнажон.
Ойдин кунда
Йўлларингни
Кимлар тўсди, Майнажон.
Бийрон-бийрон
Тилларингни
Кимлар кесди, Майнажон?

Бўлар элнинг
Болалари
Бир-бирини дер экан.
Бўлар элнинг
Зоғи лочин,
Қуёни ҳам шер экан.
Бўлмас элнинг
Болалари
Бир-бирини ер экан...
Эй дил, сен айт!

Осмонга айт,
Зоринг тинглаб,
Юлдуз йиғлаб кул бўлсин.
Инсонга айт,
Қўл бергани
Юрак бўлсин, дил бўлсин.
Сурхонга айт,
Абдулланинг
Ётган ери гул бўлсин!..
Эй дил, сен айт!

...Мағрибдан ёв
Бостириб,
Келаверди бир замон.
Машриқдан сен
Боравердинг:
Юртимга жоним қалқон!
Мардим —
Йигирма миллион.
Дардим —
Йигирма миллион...

Эрйигитов
Илма-тешик:
Ортимга ёв ўтмасин!
Танки билан
Днепрга
Чўкиб кетди Тўхтасин .
Эй дил, сен айт.
Эй дил, сен айт.
Сен айтмасанг айтгай ким —
Соҳилга бор
Дарёга айт,
Бир зум суви тўхтасин...

Тирик жоннинг
Душмани бор,
Тирик жоннинг дўсти бор.
Тошкентда бир
Темирчига
Ҳайкал қўйдик устивор:
Жигарларим,
Мана сув, нон
Бўлишамиз баробар,
Нима топсак,
Бирга баҳам
Кўришамиз баробар!..

Беш йил қирғин
Кезиб, голиб
Қайтганларга гапим бор.
Дзотларга
Кўкрак босиб
Етганларга гапим бор.
Юртимнинг оқ
Сутин ичиб
Сотганларга гапим бор...
Эй дил, сен айт!

Бу кун шаҳид
Қаҳрамонлар
Ёди ўртар кўнглимни,
Фарғоналик
Онаизор
Доди ўртар кўнглимни:
Одамларов,
Асролмадим,
Мамадали ўғлимни...
Эй дил, сен айт!

Бизга Ватан
Шамсимоҳдир,
Бизга паноҳдир Ватан.
Доим ҳамроҳ
Шу Ватандир,
Доим огоҳ шу Ватан.
Энди кимдир
Оғир кунда
Қўлтиғимга кирмаган?
Эй дил, сен айт!

Чўғдек ёниб
Уфқларга
Қуёш ботар, қаранглар.
Осколкалар
Азобидан
Ҳали битмай яранглар,
Янақ ирғин
Жангларга шай,
Ракеталар жаранглар,
Умри эъзоз,
Шундай ҳам оз,
Тушунмайди гаранглар...

Асрим темир,
Асрим чўян,
Ботмайди дил бўзлари.
Асрим доно,
Асрим нодон —
Йигирмада ўзлари.
Ўйга ботиб,
«Уҳ»лар отиб,
Лабда қотиб сўзлари,
Она замин
Айланади —
Бир тугмада кўзлари.

Мовий осмон
Остида ҳеч
Тўхтамасин, дейман у.
Ўздан бўлак
Ҳеч нарсага
Ўхшамасин, дейман у.
Ваҳшат тугма,
Даҳшат тугма.
Қақшамасин, дейман у...

Даҳшаттугма,
Гоҳ ишонмай
Қийналаман ўзимга,
Қалдирғоч ҳам
Самолётга
Ўхшаб кетар кўзимга.
Кимлар йиғлар,
Кимлар кулар,
Бу кун тўғри сўзимга...

Сени ўраб,
Бу кун қара,
Ёвлар қайраб юрар тиш.
Уруш сўраб,
Девонаваш
Ўқталишар ойга мушт.
Бузилгин сен,
Узилгин сен,
Узилгин-у, сойга туш.
Ҳеч ким билмас,
Ҳеч ким кўрмас,
Ҳеч ким сўрмас жойга туш

Бўйи райҳон юртимнинг
Қадрин билиб юрдимми.
Кулса кулиб,
Куйинганда
Бағрим куйиб юрдимми.
Дардин олай дедим,
Лекин
Дардин билиб юрдимми?..
Эй дил, сен айт!
Билиб, қачон
Дармон бўлдим,
Билмай қачон қилдим қон.
Юракдан бир
Қўшиқ келар,
Юракда бир сўз ниҳон:
Ўзбекистон —
Ота макон,
Ўзбекистон —
Онажон!..
Эй дил, сен айт!

Ардоғида
Ўсдим, уни
Суйиб яшай нондай ман.
Кўксимдаги
Имонимдай,
Кўксимдаги жондай ман.
Ўз онамга
Севаман деб
Айтай лекин қандай ман -
Эй дил, сен айт!..


ИНСОН

Юлдузларни ютиб юборди бу тун,
Ютди-ю, унутиб юборди бу тун.
Шундай тунда агар йиғлагинг келса,
Сен одам экансан, одам экансан.

Чақалоқ туғилди — сочи қоп-қора,
Кўзини очмасдан жилмайди, қара.
Шундай кунда агар куйлагинг келса,
Сен одам экансан, одам экансан,

Мен таскин изладим куйган жонимга,
Суйдим, балоларга қолдим, ёнимга
Келиб секин ҳолим сўрагинг келса,
Сен одам экансан, одам экансан.

Танҳо билмаса ҳам, билса ҳам Ватан,
Йиғласа ҳам Ватан, кулса ҳам Ватан,
Унга жонни тикмоқ тилагинг бўлса,
Сен одам экансан, одам экансан.

Қаҳр бу — адоват, араз ўткинчи,
Қуёш кўтарилиб, қуёш ботгунча,
Керакмасларга ҳам керагинг бўлса,
Сен одам экансан, одам экансан.


* * *

Кўнгил шодлигига йўқдир ниҳоя,
Жонимни аллалар туғилган ерим.
Салом, ота макон ва бедапоя —
Олифта қизларга ёқмаган шеърим!..

Сен ўша — ўшасан, дилкашу мўмин
Дунёни ўйлайсан шудгорни кеча.
Юзингдан сув оқиб тинмайди бир кун,
Кўзингдан аримас ташвиш бир кеча.

Мен эса яшадим олисда бебош,
Тилла сирғаларнинг жаранги аро.
Ўсди, ўсаверди юрак — харсангтош,
Болангга ўхшамай турибман, қара.

Келаман битталаб териб лой йўлдан
Олтин ёшлигимнинг суратларини...
Ўрдаклар учади оғриниб кўлдан,
Офтобга тутгали ҳўл патларини.

Кўнгил шодлигига йўқдир ниҳоя,
Энди қадринг билдим туғилган ерим,
Салом, яйдоқ дала ва ғўзапоя —
Олифта қизларга ёқмаган шеърим!..


ЎЗБЕКНИНГ АЁЛЛАРИ

Ухламайди тунлари,
Ой нурлари таралган.
Ўзбекнинг хотинлари
Фарзанд учун яралган.

Йилдан узун кунлари,
Ким кўнглини сўролган.
Ўзбекнинг хотинлари
Меҳнат учун яралган.

Қирқ, йил қиргин бўлса ҳам
Ўз аҳдида туролган.
Ўзбекнинг хотинлари
Тоқат учун яралган.

Ёт олдидан сал нари
Қачон кокил ўролган.
Ўзбекнинг хотинлари,
Иффат учун яралган...

Ўзбекнинг аёллари,
Ўзбекнинг хотинлари,
Сувдан ҳалол,
Гулдан пок,
Қўллари олтинлари,
Қай томонга бурса юз,
Йўллари олтинлари —
Иззат учун яралган!


НИДО

...Шу чоқдаги юрагимки тинглангиз, ҳой ҳу...
Усмон Носир

Тонг тортиғи саҳифа ва саҳифа номлар,
Бир кунгина қўшик туғмай ботмайди шомлар,
Ҳақ деганнинг йўлларига сочай илҳомлар,
Шу чоқдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу...

Ким қиз суйиб қон йиғласа адоси ўзим,
Ким юрт суйиб улуғласа фидоси ўзим,
Тошга тегиб қайтиб борган садоси ўзим,
Шу чокдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу.

Жигарларим, йўлингизга гуллар тўшай ман,
Чўғдек ёниб, ботмай турган кунга ўхшайман,
Хаёлингиз уфқида мен шундай яшайман,
Шу чоқдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу.

Аммо айтинг ановларга, жонга тегмасин,
Шеър ёздим, деб минг йиллик достонга тегмасин
Усмон тутга илиб кетган нонга тегмасин...
Шу чоқдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу.

Дилда байрам, олдиндадир кунлар гавҳари,
Ўзбек юртда туғилажак бир сўз сарвари,
Тошкентдан то Лондонгача, Лондондан нари
Шу чоқдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу.

«Шу чокдаги юрагимни тинглангиз, ҳой ҳу...
Акс-садоси гумбурлайди гўё замбарак.
Сезгиларнинг бебозори менимча — туйгу,
Менга шодлик ва гулларнинг лаблари керак!»


* * *

Қадим Ўзбекмомо куйи ёдимда,
Ёдимда чечаклар кулган Чамбили.
Ҳар гал концертига кирган чоғимда,
Ялтироқ чопонли «Ялла» ансамблин,
Ботир Зокировни ўйлайвераман.

Қизлар карсак чалар — таъсир шунақа,
Қизлар ҳуштак чалар – аср шунақа.
"Ялла" залга сочиб сумалак исин
Куйлар «бойчечагим — бойланди»сини,
Ботир Зокировни ўйлайвераман.

Гоҳ чикиб кетаман, сезмайди биров,
Бу жойларда мени ким ҳам танийди.
Огайнилар, мен ҳам дунёда бир кун
Битта қўшиқ айтиб ўлсам майлийди...
Ботир Зокировни ўйлайвераман.

Зийрак қоровул чол тўсар йўлимни,
Хўрсинар. Жим сикиб қўяр кўлимни.
Ҳеч қандай ансамбль овута олмас,
Бу кун райҳон ҳидли маъюс кўнглимни,
Ботир Зокировни ўйлайвераман...

Кетаман. Келаман уни сўроклаб
Қўлимда деҳқон юртнинг жамбили, мен.
У энди куйламас бағримни доғлаб,
Сен куйлайвер «Ялла» ансамбли, мен —
Ботир Зокировни ўйлайвераман!


АДАБИЁТ МУЗЕЙИДА

Қодирийнинг шахсий буюмлари ичра
Бир қамчи бор экан учи тугилган.
Дарров – тушунтириш қилди бир мисра
Экскурсоводнинг ҳам билгани-билган.

Деди: бу қамчининг сопи дўлонадан,
Узи асл қайиш, тошдан ҳам қаттиқ.
У Кумушбибининг Марғилонидан,
Фалон йил адибга этилган тортиқ...

Таъриф давомини эшитмай қолдим,
Эшитган бўлсам ҳам тушунмадим ё.
Қамчига термулиб хаёлга толдим,
Музей бу — ойнага солинган дунё.

Ўтган кун ҳикматин қаердан билсин,
Экскурсоводларнинг бари алдамчи.
Аммо бугун менга қандай кераксан,
Қодирийдан қолган дўлона қамчи!..

Бу хилватга сени ким қўйди ташлаб?
Суғуриб оламан ҳозир қафасдан.
Савалаб чиқаман битта қўймасдан
Ёзувчи зотини ўзимдан бошлаб.

Ва дейман: ўртоқлар, ана энди ёзинг,
Кибордан қутилди димоғларингиз.
Энди кўксингизга қайтди ҳаяжон,
Энди титрамайди бармоқларингиз.

Ахир, бу қамчининг сопи дўлонадан,
Ўзи асл қайиш—тошдан ҳам қаттиқ.
У Жаҳон отиннинг Марғилонидан
Фалон йил адибга этилган тортиқ...


* * *

Жуда синчков. Жуда энди нозиктаъб,
Менинг беш яшар ўғлим.
Чумчуққа ҳам термулади соатлаб
Менинг беш яшар ўғлим.

Сувни кўрса, тушиб сузаман дейди,
Гулни кўрса, қўйвор, узаман дейди.
Битта ўзим дунё кезаман, дейди —
Менинг беш яшар ўғлим.

Дуиё эса... дунё кунда кулмайди,
Дунё беун, дунё парво қилмайди.
Бир бола-да, дер назарга илмайди —
Менинг беш яшар ўғлим.

Менинг беш яшар ўғлим.
Ерга қараб юраги эзилмайди,
Кўкка қараб юраги сиқилмайди,
Ракеталар нималигин билмайди...
Менинг беш яшар ўғлим.


КОКИЛИНГНИ КИМ КЕСДИ

Энам ўриб ўпган соч,
Ўсиб товон ўпган соч.
Ўсиб товон ўпганда,
йиғлаб-йиғлаб кетган соч —
Кокилинг ким кесди, ёр?..

Она урфдан ким тонар,
Бағри-дилим ўртанар.
Тошга айтсам тўлганар,
Сувга айтсам сув ёнар,
Кокилинг ким кесди, ёр?..

Кокилинг узун эди,
Сенга не ҳусн эди,
Турмасмиди солланнб,
Елкангда турнақатор,
Кокилинг ким кесди, ёр?

Сени қандай севардим,
Сени жондай севардим,
Сочингга берган озор,
Кўлларингда қасдим бор,
Кокилинг ким кесди, ёр?..

Кокилинг ким кесди, ёр,
Севгим йўлин тўсди ёр,
Менинг кўнглим чўктириб,
Кимнинг кўнгли ўсди, ёр?!


ЎЗИМ ЁМОН...

Ўз жонимга ўзим ёв,
Қийноқларга соламан.
Куйинмагин, жоним-ов,
Ўзим ёмон боламан.

Мени ташлаб кетар ким,
Жим термулиб қоламан.
Сен қарама, севгилим,
Ўзим ёмон боламан.

Мени бир зот тушунмас,
Мен ҳаммани тушуна оламан.
Ҳаммага қилиб ҳавас,
Ўзим ёмон боламан.

Биров қоя, биров тоғ,
Мен бир тупроқ — даламан.
Тунлар ўйладим узоқ,
Ўзим ёмон боламан...

Ўзим ёмон боламан,
Юраги қон боламан.
Шеърдан бошқани билмас
Муҳаммаджон боламан.


* * *

Мен қадрдон уйимдан олис,
Оромижон далалардан ҳам,
Хушбўйлари анқиган полиз,
Бирга ўсган болалардан ҳам.

Мен қадрдон уйимдан олис,
Бўтана сув ирмоқлардан ҳам.
Бойчечакка шеър ўқиб маъюс,
Чиллак ўйнаб юрмоқлардан ҳам,

Мен қадрдон уйимдан олис,
Тушларимдан норози, безор
Кайинларга елкамни тираб,
Сўкўнатни асрайман бёдор...


* * *

Елкаларда қўндоқлар совуқ.
Елкаларда тасмалар чарм.
Машқ майдони сари боришар,
Саф-саф бўлиб менинг дўстларим...

Гоҳи хаёл босар. Босар ўй.
Миқ этмайди бирови, жимдир.
Олис Нева бўйларида ким,
Ўзбекистон кезади кимдир.

Ковоқларин солиб, хўрсиниб,
Куйлашади қўшиқлар секин.
Кўнгиллари бузилади гоҳ,
Бузилмайди сафлари лекин...

...Мен сизларни. ўйлаб кўрқаман,
Бошларимдан учади ҳушлар.
Қўлтиклашиб хиёбон томон —
бораётган саф-саф оққушлар...

Елкаларда қўндоқлар совуқ
Елкаларда чарм тасмалар бу кун...
Биз кайтгунча машқ майдонидан
Сафларингиз бузилмасмикан?..


УНУТИШ

Шокирга

Отам ўгитларин унутмокдаман,
Унутяпман секин, ўзимни оқлаб.
Сен кимнинг ўғлисан? Кимнинг ўғлисан?
Ортимда имоним юрар сўроқлаб...

Мен кимни алдадим. Илк ёлғонларим,
Сохта табассумим кимга аталди?
Менга шуҳрат тутган хушомадларим,
Отамнинг қабрига тиғдай қадалди.

Отам ўгитларин унутмоқдаман,
Унутяпман озгин юзи, қўлларини.
Тер ҳиди анқиган беқасам чопон,
Кетмони, яктаги ямоқларини.

Толеидан мамнун жуфти ҳалолим,
Тилла тишларини кўрсатиб кулар.
Менинг кўнглим билан иши йўқ сира,
Суратимни излаб китоб титкилар.
Мен эса отамни унутмоқдаман...


ЖАНГЧИ-ШОИР МАКТУБИ

Олисларда ҳилпираган гўшангами?
Сени кимга узатишар, ишонганим?
Ёр-ёр айтар қизларми, ё шум янгами?..
Кечир энди тўйингга мен боролмайман.

Тушларимда эса олтин сойлар бугун,
Фарғонада қолган сўлим жойлар бугун.
Билмам энди, кимлар йўлим пойлар бугун...
Кечир дилдор, тўйингга мен боролмайман.

Юртимни деб, юртимдан узоқиб кетдим,
Тоҳир бўлиб дарёларда оқиб кетдим.
Бир қирғоққа кўзим тўймай боқиб кетдим,
Кечир энди, тўйингга мен боролмайман.

Бунда ҳали ўчим қолган душманлар бор,
Кўкрагидан ўқ еб мункиб тушганлар бор,
Севаман деб шўр тупроқни қучганлар бор,
Кечир дилдор, тўйингга мен боролмайман...

Қиз бахтимни қаро қилган онам дема,
Қисматим шу экан-да, пешонам дема,
Кайда қолди шоир-маҳмадонам дема...
Кечир энди тўйингга мен боролмайман.

Юрт олдида синов-имтиҳонлар кечдим,
Олов кечдим, тизза бўйи қонлар кечдим.
Мен сени деб олисларда жондан кечдим...
Кечир дилдор, тўйингга мен боролмайман.


ЯХШИ БОЛА

Хайрулла Саъдиевга

Боғчасига кеч қолмаса — яхши бола,
Мактабда «икки» олмаса — яхши бола,
Институтда курсда қолмаса — яхши бола,
Ҳеч кимга гап қайтармаса — яхши бола...

Билиб турса ҳам билмаса — яхши бола,
Кўриб турса ҳам кўрмаса — яхши бола,
Ходимга иш буюрмаса — яхши бола,
Бошлиқни танқид қилмаса — яхши бола.

Ўз бахтини ўйламаса — яхши бола,
Қиз бор уйга бўйламаса — яхши бола.
Куймаса-аччиғламаса — яхши бола,
Севганда қон йиғламаса — яхши бола.

Туҳматчига тик боқмаса — яхши бола,
Ёлғон тинглаб тутақмаса — яхши бола.
Қоғозбозга индамаса — яхши бола,
Порахўрни кийнамаса — яхши бола.

Яхши дейсиз яна қандай ўртокларни?
Яхши дейсиз — гоҳида сиз қўрқоқларни!
Мен кўряпман майсадаги титроқларни,
Улар босиб келаверса ўтлоқларни...

Яхши бола. Яхши бола. Яхши бола.
Мен эса бир ёмон қайсар бахши бола.
Бундайларни кўргани ҳеч кўзим йўқдир,
Бундайларга айтадиган сўзим ўқдир.

Фақат сенга бир сўзим бор доно халқим,
Фақат сенга бир тилак эй, Она халқим.
Ўғил кўрсанг у «шумболанг»дек шўх бўлсин,
Кўзларида чақнаб турган бир чўғ бўлсин!


* * *

Осмон чўкиб қолди бу оқшом,
Юлдуз бўлиб ёғилди бир сас.
Бир маҳалла нигоҳни кўрдим:
Яшаш керак, севиш шарт эмас.

Садоқатми?
Кимга керак у?..
Беҳудадир кўз ёшнинг сели.
Юлдуз бўлиб ёғилди бир сас:
У бегона. У энди келин...

Тўй — бу асли баджаҳл ота,
Бахтли бўлсин қизим дегани.
Уни сенга бермасман, бўтам,
Тирик экан кўзим дегани.

Осмон чўкиб қолди бу оқшом.
Қонимда бир ғашлик ўрмалар.
Мен оловга отарман энди,
Юрагимни қийма-қиймалаб...

Ёқа ушлаб қолсин кўрганлар,
Оловларга отгум уни, бас.
Ёниб кетсин чирсиллаб қалбим,
Севиш керак... яшаш шарт эмас.


КУМУШ

Марғилонда Кумушни кўрдим,
Кўзига ёш тўлиб турибди,
Сочларини майдалаб ўриб,
Отабегин излаб юрибди.

Тонгда туриб қалам қошига
Ўсма қўйган экан — қурибди.
Кўздан оққан аччиқ ёшига,
Ўсмасини ювиб турибди...

Мени бир ўй қийнади ёмон,
Яна юрак ўйнади ёмон.
Қўйвор замин, қўйвор осмон
Мен уйимга етаман қачон?

Учиб келдим уйимга омон,
Бешёғочда гуллабди ўрик...
Тошкентга қиз берма, Марғилон
Қодирий йўқ. Зайнаблар тирик.


* * *

Томлардаги қизғалдоқ,
Юлдузлар бодроқ-бодроқ,
Қайнаган маржон булоқ,
Яшнаган яшил ўтлоқ,
Бу тут,
Бу ўрик,
Янтоқ,
Кимларнинг болалари?..

Бу ёмғирлар, бу қорлар,
Бу ёзлар, бу баҳорлар,
Бу бургут, бу шунқорлар,
Бу оташ қасирғалар,
Бу тўғрисўз турналар,
Кимларнинг болалари?..

Мен билмайман ким улар,
Мен билмайман, жим улар:
Чақмоқнинг болалари,
Дўлларнинг болалари,
Осмоннинг болалари,
Кўлларнинг болалари...

— Ўзинг кимсан?
— Шоирман.
Ҳа, шоирми, шоирлар —
Гулларнинг болалари!


ИЖАРАДА

Хўжайин келади:
— Нима ёзяпсан?
Шеър...
Кулиб чиқиб кетар:
— Майли, ёзавер.

Хўжайиннинг хотини келар:
— Нима ёзяпсан?
Шеър...
Кулиб чиқиб кетар:
— Майли, ёзавер.

Хўжайиннинг ўғли келади:
— Қалай шоир, ёзяпсанми шеър, дейди.
Сигаретдан бер, дейди.
Кулиб чиқиб кетар.

Хўжайиннинг қизи келади,
Жим кириб, жим чиқиб кетади,
Юрагимни сиқиб кетади...

Энди чексам сигаретамдан
Атиргулни иси келади.


* * *

Холмат акага

Севгим менинг,
Кечикиб келган, севгим,
Мана энди бир умр ўртанамиз.
Саҳаргача ухламай ўйланамиз,
Қийналамиз...
Мен сенга нима девдим?

Дўсту ғаним бир эрмак тополмайди,
Бир кун бизни гапирмай яшолмайди.
Кечикиб келган, севгим,
Мен сенга нима девдим,
Олти қитъа энди бизни пойлайди...

Севгимсану ёнингга боролмайман, .
Кўзларингга соғиниб қаролмайман.
Кечикиб келган, севгим,
Кечикиб келган, севгим,
Ҳеч кимга бу кўнглимни ёролмайман.

Сени унсиз эркалайди нигоҳим,
Сочинг силаб чарчамайди нигоҳим.
Кечикиб келган, севгим,
Кечикиб келган, севгим,
Бу дунёда менинг бор-йўқ, гуноҳим!..

Юрак йиғлар, айтишга ийманамиз,
Биз энди бир умр қийналамиз,
Кечалари ухламай ўйланамиз.
Кечикйб келган, севгим,
Мен сенга нима девдим?..


СОДДА ТИЛАК

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,
Ажин тушсин юзларига, доғ тушсин.
Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,
Қўлларига асо — бир таёқ тушсин.

Имони соф юзга кириб ёруғ юз,
Тўйлар кўриб елкасидан тоғ тушсин.
Ва жисмига сўнгги сафар пайтида
Ўз боласин қўлидан тупроқ тушсин...


УЧРАШУВ

Ана севгим,
Кўриб туриб қарагим йўқ.
Унинг менга,
Менинг унга керагим йўқ...
Бир йилда бир кўришамиз,
У гапирмас.
Менда ҳам йўқ забои,
Бир сўз сўрагим йўқ.
Бахтлиман деб
У ҳам, мағрур,
Ўтиб кетар,
Мен ҳам хурсанд,
Шодман — бошқа тилагим йўқ.
Бу йўл боши паймон эди,
Ҳижрон энди.
Армон энди,
Армонга мўлтирагим йўқ...
Кетаверсин,
Бу дунёда бир қизни деб,
Ҳар куни бир
Йиғлайдиган юрагим йўқ.


ТУҒИЛГАН КУНДА

Жилмаяр кимнингдир дўрдоқ лаблари,
Зада кўнгил ўзи уқиб олади:
Сенинг кўйлагингнинг енги кўп узун,
Менинг эса тилим узун, ғалати.

Қандилга термулиб мастона нигоҳ,
Зимдан биз томонга разм солади:
Сенинг қўлингда ҳеч турмайди пичоқ,
Такаллуфни билмас мен ҳам, ғалати.

Боқади тозидай гоҳ қулоғи динг,
Кўзига ишонмай қотиб қолади:
Сен қандай ўқчимай майни ҳўпладинг,
Тутилмай шеър айтдим мен ҳам, ғалати

Имлайсан — кетайлик. У яна сергак.
Столга энгашиб гулни ҳидлайди.
Барини билар у дунёда, фақат
Онаси туғилган кунни билмайди.


КЎНГИЛ ЙИҒИСИ

Баъзан кўнглинг тўлиб йиғлайверади,
Хафа бўлиб кетасан ўз кўнглингдан.
Йиғлар худди инжиқ чақалоқ мисол,
Юпатай дейсану келмас қўлингдан.

Истайсанми-йўқми шунда дафъатан
Қилган хатоларинг ёдингга тушар.
Ҳасрат ёмғирлари оқар кўзингдан
Йўргакталаб юрак увушар...

Мен қандай унутай хатоларимни?
Кули тутайверар чўққа минг сув сеп.
Улар аскарлардек туришар қатор,
Мени танийсанми, танийсанми деб.

Ёдимга тушади шаҳар, шеърларим,
Орзу ва тутундан димиққан хонам.
Сира қайтмас бўлиб кетмоқда ана
Бегона елкада чайқалиб онам...

Қари муаллимни эслайман, келар
Излаб-излаб топиб, эшигим қоқиб.
Хотиним йўқ дейди. Ўргатган ўзим,
Ўзим маъқуллайман ёлғоним ёқиб.

Вокзалда жавдираб турибди дўстим,
Ўн йил бирга ўсдим, юз йил бирга ўсдим.
Жўнаб қолмоқ керак (унга ётоқ керак...)
Таниб қолмасин деб юзимни тўсдим.

Мени беш йил кутди бир бокира қиз,
Балки қадрин билган бўлардингиз сиз.
Мен эса ўйландим, ўйланавердим.
Ростдан севармикин... чайналавердим.

Баъзан кўнглим тўлиб йиглайверади,
Хафа бўлиб кетаман ўз кўнглимдан.
Йиғлар худди инжиқ чақалоқ мисол,
Юпатай дейману келмас қўлимдан...


НИЛУФАР

Офтоб уфқка равона бўлган,
Осмон бўшаб қолган супадай.
Бир гулни деб зардобга тўлган
Жоним, сени қандай юпатай?..

Кулиб турар бу ёруғ дунё
Икки бети қизил олмадай.
Баланд дорга осилдикми ё,
Жоним, сени қандай юпатай.

Қўлии етмас бу гулга маним,
Қўлим етмас, нимасин айтай.
Бир гапим бор булбулга маним,
Уни йиғлаб-йиғлаб уйғотай.

Изламасин беҳуда, унинг
Ўхшаши йўк, ҳеч бир чаманда.
На тонгда, на шомдаги шудринг
Ва на Боғи Эрам томонда...

Кўнглимни шу жонон гул иси
Келиб турган кўлларга отай.
Ўлсам мени сувга кўминглар,
Нилуфарнинг пойида ётай.


ЗЕБИХОН

Зебихоннинг сочлари
Товонига тушади.
Сочларига термулсам,
Юрагим увушади....

Зебихоннинг қошлари
Қалдирғочдан қорадир.
Қошларига термулсам,
Юрагим минг порадир...

Зебихоннинг юзлари
Қизғалдоққа ўхшайди.
Кулиб турган кўзлари
Юрагимда яшайди...

Зебихоннинг ўзлари
Бизни кўрмай ўтади.
Кўрмагандек кўрса ҳам,
Салом бермай кетади...

Бизга қолганда шафқат
Қилмадинг-а, муҳаббат.
Зебихоннинг қадрини
Билмадинг-а, Муҳаммад!


* * *

Хўрсинасан билдирмай,
Ўкинасан, йиғлайсан.
Юлдуз тўла бу оқшом,
Сен сўрида ухлайсан.

Юлдуз тўла бу оқшом,
Онанг хурсанд ўйлайди,
Қайсар қизим, энди чин
Кўникканга ўхшайди...

Шовулламанг, боғлар, ҳей,
Бунда бир қиз ухлайди,
Ухлайдию ўзи жим,
Кўнглига қил сиғмайди.

Шох силкинар кўксига
Япроқ тўкар, билмайди.
Бир ғам ўртар бағрини,
Йиғламайди, кулмайди.

Бу оғриқ на дўстлик, на
Муҳаббатга ўхшайди...
Қиз қўйнида бир сурат —
Муҳаммадга ўхшайди.


БОБУР

Тоқатим толди оқибат,
Тахтни ёв олди оқибат,
Ўз юртим қолди оқибат
Афғон кетдим дарё кечиб.

Омад келар-кетар экан,
Жон дўстинг ҳам сотар экан,
Ортингдан тош отар экан,
Ҳайрон кетдим дарё кечиб.

Икки кўзим элимдадур,
Чўғдек сўзим тилимдадур,
Дилим ёниб, дилимда бир
Армон, кетдим дарё кечиб.

Юртдан айро адоғ кўнглим,
Ғуборига муштоқ кўнглим,
Йиғлаб бу кун бу шоҳ кўнглим
Вайрон, кетдим дарё кечиб...

Боғишамол сайр энди —
Қилғай чиқиб ғайир энди.
Бобуринг йўқ, хайр энди,
Анжон, кетдим дарё кечиб!


АЛДОВ

Дўстим мени алдади,
Дардим ичимда қолди.
Энди тинчим йўқолди —
Дўстим мени алдади.

Дардим ичимда қолди.
Тоғ йиқилди кўксимга.
Доғ йиғилди кўксимга,
Дўстим мени алдади.

Дўстим мени алдади.
Болаликдан у билан,
Бир дунё орзу билан
Ўсдим, мени алдади.

Энди тинчим йўқолди,
Ёруғ дунёни ҳувиллаб,
Ёнаверди гуриллаб,

Кўксим, мени алдади...
Онам тушунмас, дейди:
Қўзим, сенга кўз тегди.
Менинг эса бағримга
Ўқдек зил бир сўз тегди
Дўстим мени алдади!


КИНОГА КИРМАЙМАН

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Қизлар қайтиб келар кўзёш қилишиб.
Хайр уйқу дейман, менда йўқ ором,
Муқовасиз китобимга мук тушиб.

Ногоҳ музикалар тинган ётоқда
Китобим кирмаган хона қолмаган.
Ҳеч ким уни мендек ўқимаган лекин
Ҳеч ким уни мендек ўқий олмаган.

Кўзимни юмаман кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан—минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Шундай оқшом ботар, шундай тонг отар,
Китобим ўқийман сатри муқаддас.
Менга ёқмас экрандаги Отабек,
У бошқа. У бошқа мен билган эмас!..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен эса кирмайман бекорга ҳам ҳатто.
Майли, қарсак чалай истеъдод учун
Лекин санъат — санъат, ҳаёт — ҳаёт-да.

Кўзимни юмаман, кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан — минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Сарғайган саҳифага қўйиб бошини
Кумуш кулиб ётар тирикдек худди.
Тур энди опажон, тур энди опа
Отабегинг сени унутди?..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен кирмайман. Кирсам кўнглим тўлмайди
Китобим ўқийман,
Ўзим тўқийман,
Кинога ҳеч нарса қўшиб бўлмайди.


ТОШКЕНТ

Офтоб туғилади сенинг қароғингда
Тошкенг, оқшоминг-да фусункор.
Ҳар бир кўчанг,
Ҳар бир япроғингда
Қодирийнинг ўйчан руҳи бор.
Меҳмондўст деб кимлар таъриф қилмаган,
Ҳамма мақтовларнинг ўзинг адоғисан.
Тошкент, сен миннатни билмаган устоз,
Ойбек нигоҳисан,
Ойбек қучоғисан.
Анҳор бўйларида қумрилар ўйнар,
Шоир Ғафур Ғулом билган қумрилар.
Икки минг йил аввал Сағбонни излаб,
Ҳиндистонни ташлаб келган қумрилар...
Тошкент,
Она шаҳар,
Беҳад, бепоён —
Ўзбекистондаги энг баланд терак.
Аниқ, таърифингни қилмоққа баён
Улкан юрак керак,
Улка-ан юрак керак!
Сенинг кўзларингга термулиб юриб
Қўшиқлар сўрайман—мен ҳам бир ўғлинг.
Тошкент,
Эй, миннатни билмаган устоз,
Бир умр тушмасин елкамдан қўлинг...


МЕВАЛИ ДАРАХТЛАР

Қайдаки мевали дарахтни кўрсам,
Хоҳ ниҳол бўлсин, хоҳ қадди дол бўлсин,
Усмон ота, сизни эслайман мен ҳам:
Қабрингиз олманинг ҳидига тўлсин...

Болари мисоли шотутнй сўрсам,
Жийдани чўқисам чумчуқдай қай кун,
Усмон ота, сизни эслайман мен ҳам:
Қабрингиз беҳининг ҳидига тўлсин...

Тошкентдек шаҳарда ҳатто, агарда,
Омон қолган бўлса бир туп оқўрик,
Мен сизни эслайман, шому саҳарда
Офтобга интилган шохларин кўриб.

Ўчоқлар чинқирар кўкда парракли,
Паровозлар елар ерда серзарда.
Мен сизни эслайман, темир йўл туфайли
Кесилиб кетмаган олчазорларда.

Мевали дарахтлар... дов оғаларимиз,
Баҳодир ва найнов оғаларимиз,
Беозор, беқаров огаларимиз,
Бизнинг туғма соқов, огаларимиз?..

Қаерга бормайин уларни кўрсам,
Баргларин кўзимга сураман дилгир.
Ва Усмон отани эслайман мен ҳам —
Қабрига нашватларнинг ҳиди тўлгур...


ТАРАҚҚИЁТ

Аёллар, пайкалдан кўтарманг бошни,
Фақат меҳнат қилинг, йиллар кутмайди.
Шийпонларда кутиб кузатинг қуёшни,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!..

Биз шундай бутифослар топамиз ҳали,
Пахтамизни йиллаб терсак битмайди.
Хирмонлар осмонга тегар юксалиб,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Эркаклар — эртаклар ўқинг, ов қилинг,
Сўқмоқларда сўнгги жайронлар титрайди.
Сўнгги йўлбарсларнинг терисин шилинг,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Оғулар топамиз, чувалчанглар илиб,
Ҳеч ким қармоқларда балиқ тутмайди.
Дельфинлар соҳилда ётади чўзилиб,
Келажак авлодлар бизни унутмайди...

Шоирлар дунёга танитиб элин,
Мукофотлар билан бир-бирин қутлайди.
Навоий бобосин тушунмай тилин,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!..

Буни тараққиёт дерлар. Биз ўсдик,
Ўсавердик, ҳеч ким инкор этмайди.
Тоғларни қўпориб, дарёларни тўсдик,
Келажак авлодлар бизни унутмайди.

Шеърим — қароғимдан оққан ёшларим,
Англармисиз уни, ҳеч кўзим етмайди...
Баракалла сизга, замондошларим,
Келажак авлодлар бизни унутмайди!


ЛЎТТИВОЗЛАР

Келдим. Кўрдим. Эснаб, ёшлигин эслаб,
Сотувчи қиз ўзин ойнага тоблар.
Дўконни тўлдириб чанг босиб ётар,
Сарғайган юзин бир кўрмай офтоблар —
Лўттивозлар ёзган китоблар...

Китобларки, бўйи бўйим билан тенг,
Муқовалар гулданми ё зардан денг.
Ўқилмасдан қақшаб ётган ҳар боблар,
Увол кетган қоғоз, увол ҳисоблар —
Лўттивозлар ёзган китоблар...

Бу харжларни кимнинг меҳнати қоплар?
Ҳаммамиз жим. Жим тортамиз азоблар.
Чунки авторларнинг бари арбоблар,
Лўттивозлар ёзган китоблар...

Ёшлар қайда дерсиз, олов-ўт ёшлар?
Чақчаяди кўзлар, уюлар қошлар:
Қочинг беодоблар, ҳа беодоблар,
Кўрмаяпсизми ахир, булар бари —
Лўттивозлар ёзган китоблар...

Айтинг, қўйсин улар минбарлардаги
Виждон ҳақидаги хитобларини.
Бориб сотиб олсин дўконлардаги
Мағор босиб кетган китобларини!


МУТТАҲАМ

Ажойиб ёз кунларининг бирида,
Бир увишди, бир увишди юрагим.
Қарасам бир таниқли муттаҳамнинг
Курагига тегиб турар курагим.

Вой курагим, деҳқон отамдан мерос,
Вой курагим, тилсизгина қақшайди.
Сенга тегингандан кўра бу махлуқ,
Бирор дайди ўқ теккани яхшийди...

Шаҳар байрам қилар эди ўша кун,
Лунжи шишиб карнай-сурнайин чалиб.
Курагимни деворларга ишқасам,
Ғиштлар кўчиб тушди уялиб.

Ёруғ дунё, авра-астаринг ағдар,
Менинг битта душманим топсанг агар,
У шу — хунук кулаётган муттаҳам,
Кўзлари кўксимга ботган муттаҳам,

Қодирийни қонқақшатган муттаҳам,
Усмон Носирни йиғлатган муттаҳам,
Чўлпондек зотларни сотган муттаҳам,
Бобур қабрига тош отган муттаҳам!..

Дўстлар, менга темир супурги беринг,
Фаррош бўлиб супуриб чиқай изин,
Эй-й, яшасин мамлакатда битта ҳам
Муттаҳам қолмаган кун — коммунизм!


МАДИНА

Мадина, Мадина, нега йиғлайсан,
Менинг асал қизим, қачон ухлайсан?
Иситманг тушмади, тополмадим дори,
Тинмади чақалоқ жонннгнинг зори,
Ярашмас яшамоқ нокасга ёлвориб,

Чида, ёруғ тонгни кутамиз, қизим,
Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим...
Сен йиғлоқ туғилдинг, мен ёзолмадим,
Ёзган шеъримни ҳам ўтказолмадим.

Аммо, ишон ахир, булбул юрагим,
Мен уни бекорга ўтга солмадим,
Бу ёруғ дунёда менинг қолар изим,
Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим...

Иккала қўлимда. сенинг бешигинг,
Кўнглимда кўзингдек шаффоф қўшиғинг.
Тунларимга наво қайтар куним бор,
Сенга ардоқ сўзим айтар куним бор,

Қалбимни шудгордек ҳайдар куним бор.
Йиғлаб ёздирмасанг айланай ўзим,
Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим.
Шоир шундай кўпки, уларга ер тор,

Ҳаммаси машҳур ва ҳаммаси номдор,
Улуғвор, уларга етмоқ кўп душвор.
Аммо улар ойга босиб юзини
Турганда осмонин бағрига илк бор

Биз олиб боргаймиз тупроқ исини,
Гулдай димоғига тутамиз, қизим,
Биз ҳали ҳаммадага ўтамиз, қизим!..
Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим,
Йиғлаб ёздирмасанг, айланай ўзим.


ТЕМИРЛАР НИДОСИ

Осмонни титратиб самолёт учса, мен йиғи овозини эшитаман. Самолёт учяпти-ю, ҳўнграб йиғлаб кетяпти.
Учиб кетаётган снаряд ҳам ғингшиб йиғлаётгандек.
Ер остида, сув остида, ўрмонлар остида қанотли
ва қанотсиз ракеталар юм-юм йиғлаётгандек.
Самолёт — мен чалғи бўлмоқчи эдим, деб зорланаётгандек.
Танклар — комбайн, тўплар — темир кўприк бўлмоқчийдик, деб зорланаётгандек...
Темир ҳам гапирадими дегувчиларга эса ушбу достоним ҳадя.
Ҳа, темир ҳам, кўмир ҳам гапиради.
Фақат биз одамлар буни зшитмаганга оламиз.
Одамлар, менинг олги ойлик қизчам бешикда ухлаяпти. У ракеталар, атомлар, нейтронлар нималигини билмайди. Шунинг учун ҳам пишиллаб ухлаяпти.
Темирлар эса йиғлаяпти...

Забоним йўқ,
Тилим йўқ,
Дардим кимга айтурман.
Менга тегма
Эй, одам
Сенга тегмай ётурман.
Ўз ҳолимга қўймасанг,
Чўққа тоблаб тўймасанг,
Темир жисмим қўлингга
Қилич бўлиб қайтурман...

Қора қузғун,
Қуш бўлиб,
Денгизларда сузарман.
Пўлат бўлиб,
Зирҳ бўлиб,
Осмонларда кезарман.
Ўзинг топган балога,
Қайга бординг давога,
Қийин бўлса ўзингга,
Мен нима ютқазарман.

Кенг дунёда яйрамай,
Боланг йиғлар чирқираб.
Нишон пойлаб ётибман,
Темир жоним зирқираб.
Мен ажалман,
Қиронман,
Атомман,
Нейтронман,
Заминни сув босмасин,
Кўзингдан ёш тирқираб...
Мен ҳам ёруғ оламни
Хандон кўргим келади,
Деҳқон билан қирларда
Буғдой ўргим келади.
Ўзинг мени ўқ қилдинг,
Орзуларим йўқ қилдинг,
Энди нима бўлади,
Энди нима бўлади?

Ер айланар кўксига
Сиғмай жароҳатлари.
Айтинг, менда нима айб,
Дунё қорахатлари?..
Эй, Масков солдатлари,
Эй, Бресть солдатлари,
Темирни ҳам йиғлатган
Инсонларнинг мардлари!

Ҳақсизлик ўтган жойда
Тошлардан ҳам садо бор,
Дунёда жисмларга
Ном қўйишда хато бор.
Асли темир биз эмас,
На пўлат,
На мис эмас,
Темирдил одамлардан
Даҳшат қандай вабо бор?..

Темир бўлсам, дилимни
Ўртармиди саволлар,
Хирмон тўла болалар,
Пайкал тўла аёллар.
Машриқда танк мен эдим,
Мағрибдаги кетмон ҳам,
Ўрмондаги тўплар ҳам,
Ўпқондаги миналар,

«Катюша»ни опичлаб,
Зир елган машиналар,
Дзотлар ҳам,
Дотлар ҳам,
Кема,
Самолётлар ҳам,
Беш колхознинг
Ёлғизи —
Трактор ҳам мен эдим,
Темироёқ,
Инвалид
Бригадир ҳам мен эдим!..

Уфқларга туташган
Далалардан айтайми,
Омочда от ниқташган
Болалардан айтайми,
Тикка туриб ухлашган
Момолардан айтайми?..
Ким ишонмас
Темирлар
Йиғламас, деб — йиғлайди.
Сувга ҳам ботиласан,
Лойга ҳам ботиласан,
Бир туп ғўза билмасдан
Чопилса — отиласан,
Уйингдан битта кўсак
Топилса — отиласан,
Ким айтади темирлар
Йиғламас, деб — йиғлайди.

Темирлар йиғлаганда
Тошлар эриб тинглайди.
Мен йиғладим,
Чоллар ҳам
Фронт кезиб юрганда,
Қизлар кесиб кокилин
Милтиқ ушлаб турганда,
Фарҳод ГЭСни қурганда,
Фарҳод ГЭСни қурганда...
Мен йиғладим,
Ловиллаб
Ёниб турган қўйнимдан
Ўн беш тилда
Бир нидо

Янграган кунда — Ватан!
Ўққа учиб ўлмаган,
Дор тагида куйлаган,
Бепоён мамлакатнинг
Мардларига бериб тан.
Мен йиғладим,
Фашистлар
Гўдакни ҳам отганда,
Гоҳ одам деб юрганим
Ўз юртини сотганда,
Тили бошқа болам, деб,
Юракдаги нолам, деб
Тунлари ухлатганда,
Саҳарлар уйғотганда,
Ўн олтита боласин
Бир темирчи Тошканда!..

Уруш,
Эй, одамфуруш,
Сенга гўдак нимадур?
Замин узра
Чақалоқ
Яйраб кўкрак эмадур.
Сен уни кўролмайсан,
Қон ичмай туролмайсан,
Гитлермисан,
Наполеон,
Шоҳмисан,
Қиролмисан,
Энг ваҳшат қуролмисан,
Энг даҳшат қуролмисан,
Ҳаммани қиролмайсан,
Ҳаммани қиролмайсан!..

Аммо
Темир юрагим,
Қон йиғлаган дала бор,
Хатинда бир қўрғон бор,
Волгада бир қалъа бор —
Бўйдор жангчи,
Қўлида
Миттигина бола бор,
Болаларни қийнашга
Фашистда ҳафсала бор...

Ўз уйида
Улғайган,
Йигит бўлиб етилган,
Қўндоқ ёриб қовоғин
Ҳайдабгина кетилган,
Қул мисоли сотилган,
Фил мисоли отилган
Болажонлар, айланай,
Уруш,
Мен нима қилай?

Минага учиб ўлган,
Очликдан шишиб ўлган,
Гоҳо қор кечиб ўлган,
Гоҳо қурт ичиб ўлган,
Йўлга кўз тикиб ўлган,
Кутиб,
Ичикиб ўлган —
Болажонлар,
Айланай,
Уруш,
Мен нима қилай?

Омоч эдим,
Эридим,
Милтиқ бўлиб керилдим.
Қузғун бўлиб,
Ўқ бўлиб,
Осмонлардан ёғилдим.
Мен ҳам ерни соғиндим,
Мен ҳам ерни соғиндим
Болажонлар, айланай,
Уруш-да, нима қилай?!.

Темир бўлсам,
Сиз учун
Темир бўлдим, қўрқмадим
Ўтга кирсам
Ёнмадим,
Сувга тушсам,
Чўкмадим.
Қонизни мен тўкмадим,
Қонизни мен тўкмадим
Болажонлар, айланай,
Уруш,
Мен нима қилай?

Забоним йўқ,
Тилим йўқ,
Дардим кимга айтурман.
Тегинмасин одамзод,
Унга тегмай ётурман.
Ўз ҳолимга қўймаса,
Ўтга тоблаб тўймаса,
Темир жоним қўлига
Қилич бўлиб қайтурман...

Қузғун бўлиб,
Қуш бўлиб,
Осмонларда кезарман.
Пўлат бўлиб,
Зирҳ бўлиб,
Уммонларда сузарман,
У менинг тинчим бузса,
Мен дунёни бузарман!

Шарқу Ғарбга баробар
Офтоб чиқар ярқираб...
Нишон пойлаб ётибман,
Юракларим зирқираб,
Икки кўзи мендадир
Ер айланар чирқираб,
Мен ажалман,
Қиронман,
Атомман,
Нейтронман,
Оламни сув босмасин,
Кўзимдан ёш тирқираб...

Ҳомиладор хотини тонг-саҳарда туриб инқиллаб
юриб ёпиб берган нонни белбоғига тугиб деҳқон
даласига жўнайди. Унинг эзгу мақсади ягона —
уруғ сочиб, дон йиғиб олиш, пахта экиб, дунёни оққа белаш.

Қари муаллим болаларга шеър ўқиб беряпти.
Инсоний туйғулар ҳақида шеър. Унинг мақсади ҳам яхшилик уруғини сепиш.

Денгизлар ортидаги афсонавий бир диёр одамлари мухбир билан жилмайиб гаплашмоқда. Уларнинг ҳам тилаги ягона — тинч-тотув яшаш.

* * *

Қўлим тегмай тўкилди гулим,
Сувга тушди, оқдию кетди.
Омадим йўқ экан севгилим,
Бўлса ҳам бир боқдию кетди,

Айтинг-айтинг, кўнглимни сўраб
Лаззатланмоқ истар энди ким?..
Мен севгимни гулбаргга ўраб,
Куйиб кетган жонимга кўмдим.

Муҳаббатим — менинг шоҳ байтим,
Оқу қароси сен кўзимнинг.
Мен дардимни осмонга айтдим,
Юлдузларга босиб юзимни.

Нечун энди ғамгин нигоҳим,
Айтинг, билмоқ истаган кимдир?
Офтоб менинг бир чеккан оҳим,
Оқ ёмғирлар кўзёшларимдир...

Қўлим тегмай тўкилди гулим,
Сувга тушди, оқдию кетди.
Омадим йўқ экан, севгилим,
Бўлса ҳам бир боқдию кетди.


ҚАРИ ҚИЗ

Тонгда ҳушига келар,
Кундуз — унинг эртаги.
Тунда тушига кирар,
Ғийбатнинг кекиртаги.
Уйғонар қўллари мушт
Қари қиз — гўзал хомуш,..


ЮВОШ ЎҒИЛ

Охир борар жойим шу қора тупроқ,
Ётарман майсалар ёпиниб бир кун.
Мен сени ўйларман ўзимдан кўпроқ,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин...

Дунёи дун найрангларга тўладир,
Тили болдан ширин дўстлар бўладир,
Юракдан чиқмаган сўзлар бўладир,
Менинг ювош ўғлим саломат юргин.

Фалакнинг қўйнида музлари бордир,
Учқур йигитлари, қизлари бордир.
Кафтингда кетмоннинг излари бордир,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.

Тепангда чарх уриб қилиб парвоз мен,
Бўлолмасман қалқон баҳору ёз мен,
Бошинг тошдан бўлсин, дейман холос мен,
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.

Сувларнинг юзида сузади хаслар,
Одамзод кимларга қилмас ҳаваслар...
Оғир кунда юртин сендайлар асрар —
Менинг ювош ўғлим, саломат юргин.


* * *

Ой юзидан нур ёғди сим-сим,
Юр Муҳаммад, кетдик бу ердан.
Ширин тушлар кўрсин севгилим,
Юр Муҳаммад, кетдик бу ердан.

Биз кетсак ер кенгайиб қолар,
Осмон ҳам сал энкайиб қолар.
Бир қора кўз жилмайиб қолар...
Юр Муҳаммад, кетдик бу ердан.

На қилдим эй, юзлари зебо,
Айбим не, деб сўрама асло.
Бу дунё шундайин бевафо,
Юр Муҳаммад, кетдик бу ердан.

Севги дилда яшнаган чечак,
У биз билан қайда яшасак.
Не қипти бир қизга ёқмасак?..
Юр Муҳаммад, кетдик бу ердан.


* * *

Тошкентда сиренлар гулласа, синглим,
Ва яна қандайдир... акациялар.
Бедазорними-ей қўмсайди кўнглим,
Бировга айтишга одам уялар.

Лой томда юргандек, бўламан югуриб,
Тушларимга кирар чумчуқ уялар.
Куйлайман шотутнинг шохида ўтириб...
Бировга айтишга одам уялар.

Трамвайни кўрсам ёдимга тушар
Кулун эргаштириб юрган биялар.
Кулчаси сигирнинг шохига ўхшар...
Бировга айтишга одам уялар.

Севги доғи айланади қонимда,
Бир қиз яшар юрагимда, жонимда,
Синглим, нега сен ҳам йўқсан ёнимда?
Бировга айтишга одам уялар.

Тошкентда сиренлар гулласа, синглим,
Ва яна қандайдир акациялар.
Ўрикзорними-ей, қўмсайди кўнглйм,
Сенга айтишга ҳам одам уялар.


ЎҒЛИМГА АЙТМАГАН ҚЎШИҒИМ

Шерзод ўғлим, шер ўғлим,
Полвон ўғлим.
Сени соғинмаганим
Ёлғон, ўғлим...
Соғинганда мўлтираб
йўл қарайман.
Менинг кўксим бу — Дашти
Армон ўғлим.
Юрагимда соғинчу
Ғурур яшар.
Ғурурсиз яшамак кўп
Ёмон ўғлим.
Умр силкнниб турган
Килкўприкдир.
Ундан ўтмоқ кимга ҳам
Осон ўғлим...
Шерзод ўғлим, шер ўглим,
Полвон ўғлим.
Сени ташлаб кетганим —
Ёлғон, ўғлим...


* * *

Қаҳрим қаттиқ бўлди.
Меҳрим қаттиқ бўлди.
Насиҳатни эса олмадим.
Ҳарифим суюнди,
Дўстим куюнди...
Мен ўз билганимдаи қолмадим.

Осойиш ботмади бирон-бир куним,
Талашиб-тортишиб толмадим.
«Оғирроқ бўл, иним.
Сипороқ бўл, иним...»
Мен ўз билганимдан қолмадим.

Тенгимни билмасдан бир қизни суйдим,
Суйдим сира кулмай омадим.
«Шоҳона, яшармиз сўзимга кирсанг...»
Мен ўз билганимдан қолмадим.

Қувроқ бўл, дейишди. Ёлғон ҳам керак
Жиндак хушомад ҳам, қулоқ солмадим.
Оқни оппоқ кўрдим, қорани-қора —
Мен ўз билганимдан қолмадим...

Кўнглим сезар энди буёғи аён.
Дўстларим, дўстларим, бахтли боламан!
Ё Тошкентда энг зўр шоир бўламан,
Ё қишлоққа қайтиб ариқ бўйида
Ялпизга суяниб, ўлиб қоламан.