forum.ziyouz.com

Umumiy bo'lim => Islom => Islomiy kitoblar => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 27 May 2011, 16:26:04

Nom: Alouddin Mansur. Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 May 2011, 16:26:04
Imomi A'zam - buyuk imomimiz

(http://www.ziyouz.com/images/books/imomi_a%27zam_buyuk_imomimiz_.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1195)

Muallif: Alouddin Mansur
Hajmi: 1,14 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1195)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5945.0)
Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 03 Iyun 2011, 14:49:03
АЛОУДДИН МАНСУР

ИМОМИ АЪЗАМ —
БУЮК ИМОМИМИЗ


Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти
Тошкент — 1999

Нашрга тайёрловчи: ЎКТАМБЕК КАРИМОВ
Масъул муҳаррирлар: АНВАР ҲОЖИ ТУРСУНОВ, АЛИШЕР СОБИРОВ


Исломдаги тўрт мазҳаб мусулмонларининг ақидаси бир бўлиб, ибодат ва муомалатлардагина айрим фарқлар бор. Мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар жузъий ҳисобланади ва бу ақидадаги эмас, балки айрим ибодатлардаги ихтилофлардир. Бизнинг ота-боболаримиз, бугунга ислом оламининг тенг ярми амал қиладиган Имоми Аъзам абу Ҳанифа мазҳаби ибодатдаги қулайликлари, пайғамбар суннатларини оламга изчил ёйганлиги билан ҳам муҳимдир. Мазкур китобда ислом ва унга амал қилишга оид, шунингдек, мазҳабларнинг ҳар бири ўзича афзал ва айни пайтда, бошқалари ҳам инкор этилмаслиги борасидаги тарихий манбалардаги мулоҳазалар китобхон эътиборига суҳбат тарзида ҳавола этилади.
Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 03 Iyun 2011, 14:49:51
НАМОЗ

Муҳтарам устоз, намоз ибодатининг қандай ибодат эканлигини, дини Исломда унинг ўрни қай даражада эканлигини, афсуски, замондошларимизнинг ҳаммасиҳам тўла англаб етолмайдилар. Қолаверса, аввалги суҳбатларингизда калимаи шаҳодатни, калимаи тоййибани ўргандик. Энди навбат, менимча, намоз ибодати ҳакидаги суҳбатга етди...

— Тўғри, Ўктамбек, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси юзасидан бўлган суҳбатимиздан сўнг бугунги суҳбатимизни намоз ибодатига бағишласак, пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини Исломнинг беш асосий рукнини санашдаги тартибига риоя қилган бўламиз. Зеро, ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам "Буниял Исламу ала хомсин..." деб бошланадиган ҳадисларида: "Ислом беш нарса устига қурилди. Шулардан аввали — "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси, иккинчи намоз, давомида закот, рўза ва ҳаждир. Мана шу беш нарса устида Ислом бино бўлди", деб хабар берганлар.

Намоз динимиздаги фарз бўлган амаллардан биридир. Оллоҳ Қуръони Каримда:

"Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг", — деб марҳамат қилади.

Қуръони Каримнинг бошқа юзлаб оятларида ҳам Парвардигоримиз мўъминларга намоз ўқинглар, деган фармонни беради.

Демак, динимизда намознинг ўрни энг юқори мавқеда экан, унинг қандай ибодат эканлигини билиб олишимиз — бу ибодатга астойдилроқ киришишимизга ва оқибатда Оллоҳ биздан рози бўлишига сабаб бўлади, иншооллоҳ.

Қуръонга кўра намоз инсоннинг инсон бўлиб яшашига сабаб бўладиган ибодатдир. Оллоҳ таоло яна бир ояти каримада:

 "(Эй Муҳаммад), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб — Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозини тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонлиқдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур". (Анкабут, 45-оят.)

Яъни, намоз ўқиган инсоннинг Оллоҳ рози бўладиган ҳаёт кечиришини намоз кафолатлайди, деб Оллоҳ таоло ваъда беради бизга.

Чин инсоний ҳаёт кечиришимизни кафолатлайдиган мана шу ибодат биз мўъмин-мусулмонларга қай тарзда фарз бўлди?Мана шухусусда батафсил айтиб берсангиз.

Бажонидил. Бу ҳақда ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларида бизларга хабар берганлар. Жумладан, Саҳиҳул Бухорийда, Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан бу ҳақда бир ҳадис келадики, унинг мазмуни шундай. Анас бин Молик розияллоҳу анҳу айта-дилар: "Улуғ саҳобалардин Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳу бизларга ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳикоя қилиб, айтиб бергандиларки, пайғамбаримиз шундай деган эканлар: "Бир кун Маккадаги уйда, тун ярмида шифт ёрилиб, ўша ёриқдан ҳазрати Жаброил алайҳиссалом тушиб келдилар. Ва тўғри олдимга келиб, кўкрагимни ёрдилар. Унинг ичини Замзам суви билан ювдидар. Кейин бир тилло жомдан Илм ва Ҳикматни, Иймонни очиқ кўксимга қуйдилар. Сўнгра, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, кўкрагим битди. Шундан сўнг, Оллоҳнинг амри билан Жаброил алайҳиссаломнинг қанотида осмонга кўтарилдик".

Эътибор беринг: бизларга намоз фарз бўлиши учун, мўъмин-мусулмоннинг энг олий вазифаси бўлган бу ибодатни Оллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарига ва унинг умматлари бўлган сиз ва бизга буюриш учун шу буйруқни Ерда эмас — осмонда буюриш учун фаришта юборган эканки, бу фаришта Оллоҳнинг буйруғи билан пайғамбаримизни Меърожга олиб чиқиб кетдилар.

Меърож Ислом тарихида буюк воқеадир.

Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари ичида Унинг Ўзи билан бевосита ер юзида гаплашган бир пайғамбар, яъни фаришта Жаброилнинг воситасисиз гаплашган пайғамбар ҳазрати Мусо алайҳиссалом эдилар. У зот Инсоният тарихида, "Калимуллоҳ" деган унвон билан қолганлар. "Калимуллоҳ" — "Оллоҳ билан сўзлашган" деганидир. Яратган Парвардигоримиз — Ҳақ субҳонаҳу ва таоло билан Арши аълода гаплашган биргина пайғамбар борки, у бизнинг пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Оллоҳ таоло пайғамбаримизни Арши аълога намоз аталмиш буюк бир вазифани бериш учун чорлаган эди. Буни қарангки, Оллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарини ҳузурига чорлар экан, Расулуллоҳнинг суврати гўзал, вужуди доимо пок юришига қарамай, вужудининг ичини ҳам ювиб, тозалаб олиб чиқишни Жаброил алайҳиссаломга буюрди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг кўксини ёриб ювгач, у жойга Илму Ҳикматни ва Иймрнни жойлаб, шундан сўнггина Арши аълога олиб чиқиб кетдилар.

Бизлар намоз ўқиш учун тоза кийимлар кийиб, таҳорат оламиз. Тоза жойда туриб, покиза ҳолатда Оллоҳимизга ибодат қиламиз. Оллоҳ таоло ҳузурига — Осмонга — Арши аълога чиқиш учун эса инсоннинг ичлари ҳам ювилган бўлиши шарт эканки, бундай саодат инсоният орасида фақат ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга — бизларнинг пайғамбаримизга насиб этди.

Пайғамбаримиз етти қават Осмонни Жаброил алайҳиссаломнинг ҳамроҳлигида босиб ўтдилар ва унинг ҳар бир қаватида ўзидан аввал ўтган пайғамбарлар билан учрашдилар.

Осмоннинг энг қуйи — биринчи қаватида ҳазрати пайғамбаримиз Инсониятнинг Отаси — Одам алайҳиссаломга йўлиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у Зотнинг ўнг тарафларида ҳам, сўл тарафларида ҳам тумонат одамнинг қораларини кўрдилар. Одам алайҳиссалом ўнг тарафларига қараб кулар, чап тарафларига қараб эса, йиғлар эдилар. Бунинг боисини пайғамбаримиз ҳамроҳи — Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Ҳазрати Жаброил: "Одамнинг ўнг тарафида турган инсонлар — Оллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган кишилардир. Одам уларнинг ҳолларидан хурсанд бўлиб куляптилар. Сўл тарафидагилар эса динсиз ўтган бахтсиз кимсалар, Оллоҳнинг ғазабига учраган кимсалардир. Ана уларнинг аҳволларини кўриб Одам алайҳиссалом ота сифатида йиғлаяптилар", — деди.

Пайғамбаримиз Осмоннинг кейинги қаватларида Идрис, Мусо, Ийсо ва Иброҳим пайғамбарлар билан учрашиб, саломлашиб ўтдилар ва ниҳоят Етгинчи Осмонга—Арши аълога, Оллоҳнинг Курсисининг олдига етиб бордилар ва у Зотга Ҳақ Субҳонаҳу ва таоло билан, Яратган Парвардигорнинг Ўзи билан бевоста ҳамсуҳбат бўлиш насиб этди.

Мана шу жойда — Еттинчи Осмонда пайғамбар алайҳиссаломга кунда эллик бор намоз ўқиш фарз қилинди. Пайғамбаримиз бу буйруқни жуда хурсандлик билан қабул қилиб изига қайтаётганларида, биродарлари ҳазрати Мусо алайҳиссалом томонидан: "Сизга ва умматларингизга қандай вазифа бўлди?" — деган савол берилди. "Эллик вақт намоз ўқиш вазифаси бўлди",.— жавоб берди пайғамбаримиз. Шунда Мусо алайҳиссалом: "Сизнинг умматларингиз бунга тоқат қила олмайдилар. Бундай иш менинг бошимга тушган. Менинг умматларим ҳам тоқат қилолмаганлар. Улар гуноҳкор бўлиб қолмасинлар. Оллоҳга ёлборинг, зора камайтирса", — дедилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз Оллоҳдан бир қунда ўқиладиган намозлар микдорини камайтиришни ёлбориб сўрадилар. Охир-оқибат, Оллоҳ таоло 5 вақт намоз фарз, ҳар бир намозга 10 вақт намознинг савобини бераман — 50 вақт бўлади, бу сўзим ўзгармайди, дейди. Ва ўша соатда Оллоҳ таоло ҳазрати Расулуллоҳни меҳмон қилиб, бошқа пайғамбарларга насиб этмаган бир ҳолатга гувоҳ қилиб қўиди. Яъни, Жаннатнинг бир четини кўрсатди. Жаннатнинг четида "Сидрат ул-мунтаҳо" деган дарахт бор, дейдилар. Бу бизнинг тафсиримизда "энг четдаги нилуфар" деб келтирилган (луғавий маъноси шундай). Бу дарахт оддий инсоннинг тасаввурига сиғмайдиган даражада гўзал дарахт экан. Оллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида бизга хабар берадики, бу дарахт Жаннатнинг ёқасидаги Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга маълум эмас экан. Ҳазрати Расулуллоҳга шу дарахт олдигача етиш насиб этди. Дарахтни фа-ришталар ўраб турар, бу жойдаги Файзи Илоҳий мислсиз эди. Жаннатнинг инжу марваридлар билан тўла эканлиги-ни, тупроғи мушку анбар эканлигини кўрдим, дейдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шундай қилиб, Жаннатнинг бир четини кўрганларидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Оллоҳга шуқурлар қилиб, Унинг амри билан Ерга бир Улуғ вазифани олиб қайтдилар.

Исломдаги бошқа фарзлар — закот, рўза, ҳаж — Ерда фарз қилинган эди. Аммо намоз шу қадар улуғ ибодатки, пайғамбаримиз бу вазифани Осмонда олдилар. Бу ҳақда Оллоҳ таоло Қуръондаги "Исро" деган алоҳида бир сурада Ўзининг суюкли пайғамбарини мана шундай улуғ мартабага — Меърожга кўтарилишга муваффақ қилганлиги ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

Осмондаги ҳавони, муҳитни — Жаннатнинг бир четини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом қайтиб тушгач, Ерга сиғмай қолдилар. Нафас ололмай қолдилар. Шу пайт Оллоҳдан илҳом бўлиб икки ракат нафл намозини ўқидилар. "Оллоҳу Акбар", деб намоз бошлашлари биланоқ Расулуллоҳга Меърождаги ўша ҳолат, ўша роҳат, ўша ором қайтиб келди. Пайғамбаримиз намозни битириб, салом берибоқ айтган гаплари шу бўлди: "Иннас солата меърожул мўъминин", яъни: "Албатта, намоз мўъминларнинг Меърожи экан, — дедилар. — Ҳар бир мўъмин "Оллоҳу Акбар", деб намоз бошлаши биланоқ Оллоҳ ҳузурида турган, Меърожга чиққан бўлар экан", — дедилар.

Шундай қилиб, бизларга кунда беш бор Меърожга чиқиш, ҳозирги замон тили билан айтадиган бўлсак, кунда беш бор Оллоҳнинг қабулига кириш насиб этди. Намозда қай ҳолатда туришимизни, қандай Сўзларни айтишимиз-ни ҳам Оллоҳнинг Ўзи буюрди ва пайғамбаримиз томонидан бизга намознинг арконлари, намоздаги вазифалар баён қилиб берилди.

Демак, ҳар бир мусулмон намоз пайтида Оллоҳнинг ҳузурида бўлар экан. Бизларнинг бошқа пайтдаги илтижоларимиз, дуоларимиз Худога, эҳтимол, етмай қолар, аммо намоз пайтида қилган дуо-илтижоларимиз Оллоҳга етиб боради. Меҳрибон парвардигоримиз нима илтижо қили-шимизни, қайси сураларни ва оятларни ўқишимизни, нима деб дуо қилишимизни Ўзи таълим берди.

Пайғамбар алайҳиссалом, намоз инсоннинг оқланиб, покланиб туришига сабабдир, деганлар. Ва яна бир муборак ҳадисларида, намоз Жаннатнинг калитидир, дедилар.

Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан сўрадилар: "Киши ўз ҳовлисидан оқаётган анҳорда кунда беш бор чўмилса, шу кишида кир қоладими?" — "Йўқ", — деган жавоб бўлди. "Беш вақт намоз ўқиган одамда ҳам ҳеч қандай гуноҳ қолмайди, — дедилар жаноби пайғамбаримиз, — ҳар икки намознинг орасида қилинган саҳву хатолар намоз билан ювилиб туради".

Бу ҳеч кимга, аввалги динлардаги кишиларга насиб этмаган улуғ бир бахтдир. Қарангки, ҳар бир ибодатимизга ўн ибодат савоби ёзилиши ваъда қилинди. Бу бахт биз мусулмонларгагина насиб этди. Бизларга намоз ибодатини ҳар жойда бемалол адо қилиш имконияти берилди. Бошқа динлардага ибодатларга назар ташланса, улар муайян жбйлардагина адо этиш керак бўлган ибодатлар эканлигини кўрамиз. Бизнинг муқаддас Ислом динимизда эса намозни ҳар жой ва ҳар ҳолатда адо қилишимиз буюрилди. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларидан бирида Оллоҳ таоло бошқа ҳеч қандай бандасига ато қилмаган кўп неъматларни менга ато қилди. Улардан бири шуки, менга Ер юзини саждагоҳ қилиб қўйди, дейди.

Намозни саҳродами, дала-даштдами, йўлдами ёхуд чўлдами, уйдами ё масжиддами — вақти келиб қолганда ўқийверасиз. Намозни тарк қилишни ҳеч қандай ҳолатда узри йўқлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Яъни, Оллоҳ таолога иймон келтирган инсон беҳуш эмас экан, ақли расо ва уйғоқ экан, намоз вақти бўлганда бу ибодатни бажариш фарз бўлди. Ҳатто китобларда: агар киши касаллиги туфайли тик туриб намоз ўқишга қодир бўлмаса, ўтириб ўқисин; ўтириб ўқишга ҳам кучи етмас бўлса, ётган жойида ёнбошлаб ўқисин — бу фарздир, дейилган. Яъни, бошни қимирлатиш билан, ишора билан намознинг рукуъ, саж-даларини адо қилиши мумкин. Бошни қимирлатишга ҳам ҳоли етмайдиган инсонгина намоз ўқишдан вақтинчалик — аҳволи яхшиланиб қолгунча озод этилади.

Намоз ўқиётган мусулмоннинг суратини тасаввур қилинг-а?! Оллоҳ таоло инсонни яратар экан, у (инсон) ожиз бир ҳолатда дунёга келади. Секин-аста эмаклаб юрадиган, кейинроқ қадди расо бўлиб, Оллоҳ яратган бошқа барча жонзотлардан фарқли ўлароқ, тик юрадиган бўлди. Бу фақат инсонга насиб этган катта бахтдир. Мана шундай ҳолатда инсон Яратувчисини эслаб, У Зотнинг фар-монларини эслаб, ўзига ўхшаган инсонларга эгилиб-букилавермасдан, қаддини ҳамманинг олдида тик тугиб, фақат Оллоҳнинг олдида таъзим қилиб, фақат Унинг Узига сажда қилиб ўтиши Худога хуш келадиган ишдир. Бизлар бемалол тик турадиган ҳолатимизда бошимизни эгиб, она заминга бошимизни қўйиб, Оллоҳга саждалар қилишимиз, тавба-тазаррулар қилишимиз, саждада "Субҳона роббиял аъла" ("Мен олиймақом бўлган Парвардигоримни поклайман") дейишимиз Худога хуш келадиган ишдир. Чунки, Худои таоло отамиз Одам Атони Ер жинсидан яратди ва у зотдан инсонларни таратди. Сўнгра уларни Ерда тик қилиб қўйди. Кейин вақти келиб яна ўша Ерга кириб кетадиган такдирни бизга раво кўрди. Яъни, ер бизни ўз "елкасида" кўтариб юриб, Оллоҳ айтган муддат тугагач, яна ўз бағрига олади. Мана шу Ер орқали Ўзининг осмонлардаги Жаннатига етишимизни ваъда қилади. Биз инсонларга вафотимиздан сўнг бошқа жонзотларга насиб қилмаган бахт — Ер-бағрида ётиш бахти насиб қилган. Бу бизнинг инсонлигимиз аломатидир. Пайғамбар алайҳиссалом: "Сажда инсоннинг қисматидаги жуда катта неъмат: у етти аъзоси — боши, икки қўли, икки тиззаси ва икки оёғининг учлари билан сажда қилади. Саждада Ерга тегиб турган аъзоларимизга дўзах ўти тегмайди", деганлар. Яъни, вужудимизни поклашимиз намоз билан бўлар экан. Саждада Ерга тегиб турган аъзоларимиз ва сажда қилинган жой Оллоҳ ҳузурида "Сен учун ва Сенинг буйруғингни адо қилиб сажда қилган инсон шудир", деб Қиёмат кунида Ер юзининг қаерида бўлмайлик, гувоҳлик берарканлар. Демак, намоз — ҳаётимизни чиройли, инсоний ҳолатда ўтказишимиз учун меҳрибон Парвардигоримизнинг бизларга берган неъмати экан.

Ҳақиқатан ҳам кунда беш бор намоз ўқийдиган, яъни кунда беш бор Оллоҳнинг қабулига кирадиган инсон, албатта, икки намоз оралиғида ёмон ишларга қадам босолмайди. Чунки у бир оздан сўнг жойнамоз устида намоз ўқийман, деб ўйлайди. Демак, намоз ҳар соатда инсонийлиқдан, поклиқдан четламаслигимизга кафолат экан.

Устоз, намознинг ҳикматлари кўпки, у биргина суҳбат эмас, балки ўнлаб суҳбатларга ҳам сиғмаслиги табиий. Бугунги суҳбатимизда ўша ҳикматлардан баъзи бирлари усти-да тўхталсангиз айни муддао бўлар эди...

— Албатта, намознинг ҳикматлари ҳақида гапирмасак суҳбатимиз мукаммал бўлмас. Ўша ҳикматлардан бири намозни жамоат билан биргалиқда ўқишнинг афзаллигидир. Тўғри, намозни ёлғиз ўқиса бўлаверади, бироқ уни жамоат билан биргалиқда ўқишнинг фазилати фавқулодда зиёда эканлигини ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Жамоат намози ёлғиз намоздан 27 бор афзал бўлади".

Хўш, бунинг ҳикмати нимада? Диний китобларимиздан шундай жавоб топамиз: жамоат ҳар бир инсоннинг ўзини ўнглашига сабаб бўлади. Инсон жамоатга қўшилганида ва яхши, тақволи, Оллоҳдан қўрқадиган пок зотларни кўрганида, уларга қараб туриб ўзидаги баъзи бир қусурларни ўнглашга, йўқотишга ҳаракат қилиб қолади.

Бундан ташқари, намозни бир имомга иқтидо қилиб ўқиш — мусулмонларнинг бир сафда туришини очиқ кўрсатадиган ҳикмат экан. Сафларда "Оллоҳу Акбар" билангана бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кучишимиз, ҳаммамизни бир хил ҳолатда сажда ва рукуъ қилишимиз ва имомнинг — раҳбаримизнинг тавсияси билан намозни тенг тугатишимиз биз мусулмонларнинг якдиллигига, қараб турган тара-фимиз бир тараф эканлигига ёрқин далолатдир.

Бошқа динлардаги каби уйнинг қайси бурчагига бут қўйиб олинса, ўша бурчакка қараб сиғинавериш бизнинг динимизда йўқ. Бизларга фақат Оллоҳнинг уйи бўлган Каъба тарафга юзланиб туриб ибодат қилиш буюрилди. Бу ҳолат айниқса намоз жамоат бўлиб ўқилганда яққол кўзга ташланиб туради.

Жамоат билан намоз ўқилганда сафларнинг текис бўлиши динимизда алоҳида таъкидланади. "Агар сафларингиз қийшайса, Оллоҳ сизларга қарамайди", — дейдилар Расулуллоҳ ҳазратлари. Демак, биз мусулмонларнинг бир сафда туриб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога биргалиқда итоат қилишимиз бир-бировимиз билан иттифоқда бўлишимизни таъминлар экан.

Яна бир ҳикмат. Намозни, одатда, "Ассаламу алайқум ва роҳматуллоҳ", деб тугатамиз. Мана шу салом беҳуда берилмайди. Бизлар намозни тугатганимизда икки тарафимизда биз билан бирга намоз ўқиган биродарларимизга, намозимизга раҳбарлик килган имомимизга ҳамда намозимизда ҳозир бўлиб турган Оллоҳнинг малоикалари — фаришталарга салом берамиз. "Сизларга омонлик ва Оллоҳнинг раҳмати бўлсин", — деган дуони қиламиз. Ҳар бир намозхон айтади бу дуони. Бошқа ҳеч қайси динда кўрилмайдиган бу ҳикматнинг маъноси нимада? Бунинг маъноси — жамоат бўлиб намоз бошлаётган мусулмонлар орасида бир-бирига адовати, гина-кудурати бор кишилар бўлиши мумкин. Агар шундайлар бўлса, улар бир намознинг ичидаёқ ўнгланиб олсинлар-да, намозни "Сизга омонлик ва Оллоҳнинг раҳмати бўлсин", деб тугатсин. Бу дуони хафа бўлган киши ҳам, хафа қилган киши ҳам айтсин. Шу билан уларнинг ораларидаги адоват тугасин. Демак, дуои хайр билан тугал бўладиган икки ракат намознинг ўзиёқ ораларида ихтилоф бор одамларни бирлаштириб, бир-биримизнинг ҳақимизга дуо киладиган қилиб қўяди. Бу ҳолат фақат намоз жамоат билан ўқилганда кўрилади.

Намоздайин улуғ неъматни бизларга ато қилган Парвардигоримиз бизнинг қилган ибодатларимизга муҳтож эмас. Балки ўқийдиган намозимиз Охиратдаги — Оллоҳнинг ҳузуридаги ваъда қилинган Жаннат дарвозаларининг биз учун ҳам очилишини ва Яратганнинг бошқа муко-фотларига ҳам мушарраф бўлишимизни таъминлайдиган ибодатдир. Бундан ташқари, таҳорат билан пок кийимда юришимизни, нопок йўл ва нопок сўздан қочишимизни тақозо қиладиган бу ибодат бу дунёнинг ўзида ҳам ҳаётимизнинг покиза ўтишига, демакки, Инсон бўлиб ҳаёт кечиришимизга кафолат бўладиган катта неъмат - Оллоҳимизнинг биз мусулмонларга инъом этган неъмати экан.

 Демак, бизлар мўъмин-мусулмон эканмиз, Оллоҳ таоло бизларга иймон-исломни насиб этган ва Ўзининг ҳидояти билан Ҳақ йўлга бошлаб қўйган экан, оз муддатли ҳаётимизни пок яшаб ўтишимиз учун Оллоҳнинг энг улуғ фарзи — Жаннатнинг калити бўлган намоз ибодатини адо қилиб ўтсак, иншооллоҳ, бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам саодатли кишилардан бўламиз.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 06 Iyun 2011, 18:50:03
МУҲАММАДУР РАСУЛУЛЛОҲ

Устоз, Иймон калимасининг биринчи қисми — "Ла илаҳа иллаллоҳ"га бағишланган суҳбатингизни давом эттиришнинг фурсати етди, менимча. Бугун энди Оллоҳнинг борлиги ва бирлиги ҳақида, "Ла илаҳа иллаллоҳ" дейишимиз зарурлиги ҳақида бизга хабар етказган зот Муҳаммадур Расулуллоҳ тўғрисида ҳам тафсилотли суҳбат қуриб берсангиз. "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси ҳақидаги билимимиз мукаммал бўлур эди.

— Ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳаётлари давомида инсониятга Оллоҳнинг бор ва бир эканлигини етказиш билан, дини Исломнинг томири бўлган "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини одамларга даъват қилиш билан ўтдилар.

Инсон Оллоҳнинг ердаги халифасидир. Оллоҳ унинг суратидан тортиб, ахлоқи ва сифатларигача жуда мукаммал қилиб яратган, унга ақл-фаросат ато қилиб, илм олиш малакасини берган. Бошқа жонзотларда бундай неъматлар йўқ. Улар бир нарсани ўрганишлари мумкин эмас. Фақатгина инсонга кўп нарсани билиб, ўрганиб, бутун мавжудот устидан хожалик қилиш малакаси Оллоҳ таоло томонидан берилган. Шу билан инсон Оллоҳнинг ердаги халифаси бўлди.

Халифа ўринбосар деганидир. Халифа ҳеч қачон амир бўла олмайди. Оллоҳ инсонни халифа қилиб қўяр экан, унга ўз ақли билан етадиган жиҳатларни инъом қилиб берган. Ақллари етмайдиган жиҳатларини эса Ўзи танлаган пайғамбарлари орқали етказиб, халифалик қилиш имкониятларини яратиб берган.

Демак, Ер юзидаги халифалик вазифамизни бажаришимиз учун Хожамиз — Оллоҳ тарафидан мана шу вазифанинг қандайлиги ва уни қай тарзда адо этишимиз кераклиги ҳақида доимий кўрсатмалар олиб туришимиз зарурати бор. Шу сабабли ҳам жаноби Ҳақ Ўзи билан ер юзидаги халифалари ўртасида пайғамбарларни воситачи қилиб қўйди. Улар Оллоҳнинг хабарини инсонларга етказдилар. Бу пай-ғамбарларнинг аввали — инсониятнинг отаси бўлган Одам алайҳиссалом эдилар. Бу кишига Оллоҳ таоло томонидан ер юзида инсон сифатида қандай ҳаёт кечириш кераклиги ваҳий қилинган эди. Пайғамбарларнинг сўнггиси ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу икки буюк пайғамбарнинг ўртасида юз минглаб паиғамбарлар ўтди. Уларнинг ҳар бири инсонларга Оллоҳнинг фармонларини етказиб турди. Аввалги пайғамбарлар маълум бир қавмга, муайян минтақага, ҳатто баъзи бирлари бирон-бир қишлоққа юборилган экан. Пайғамбарларни Оллоҳ одамларнинг орасидан танлаб олар экан. Бу ҳақда Оллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар беради:

"Оллоҳ фаришталаридан ҳам элчилар — пайғамбарлар танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Оллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир". (Ҳаж сураси, 75-оят.)

Демак, Оллоҳнинг буйруқларини етказиб турувчи фаришта Жаброил алайҳиссалом ҳам Оллоҳнинг элчиси экан. Шу билан бирга ер юзида яшаб ўтган, ҳазрати Одам алайҳиссаломдан тортиб ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарлар инсонлар орасидан танлаб олинган элчилар эдилар.

Хусусан, Муҳаммад пайғамбарнинг ҳам Оллоҳнинг Расули эканлиги ҳақидаги хабар Қуръон орқали бизга етди. Оллоҳ "Муҳаммадур Расулуллоҳ", яъни, "Муҳаммад Оллоҳнинг элчисидир", деб бизга хабар берди. Демак, Оллоҳнинг каломини ҳақ деб билган ҳар бир инсон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига иймон келтиради.

Расулуллоҳнинг ўзидан аввалги пайғамбарлардан ўзгачалиги асосан нимада кўринади ?

— Муҳаммад алайҳиссаломдан олдинги пайғамбарлар маълум қавм, маълум минтақа ёки маълум давр учун бўлган таълимотларни олиб келганлар. Оллоҳ бандалари билан бўлган муомалада гўё табиб беморлар билан муомала қилгандек муносабатда бўлади, яъни, беморнинг аҳволи қай даражада бўлса, ўшанга қараб муолажа қилади. Худди шу каби инсониятнинг чақалоқлик даври — Одам алайҳиссалом давридан, инсониятнинг камолот даври — Муҳаммад алайҳиссалом давригача бўлган муддатда Оллоҳ инсонларни тарбиялаб, муваққат ҳукмларни Ўзининг пайғамбарлари орқали етказиб турди. Сўнгра эса мангу, то Қиёматгача қоладиган Ўзгармас Ҳукмни — дини Исломни ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон орқали туширди. Демак, охирги ва мукаммал шифо бўлган Қуръон — дини Ислом то Қиёматгача ўзгармайди. Бу Кўрсатма бутун инсоният ва жинлар олами учун то Қиёматгача Оллоҳнинг охирги Кўрсатмаси бўлиб қолади. Бу ҳақда Оллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар беради:

"Албатта, бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва, шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчидирмиз". (Ҳижр сураси, 9-оят.) Яъни, У (Қуръон) йўқолмайди, бузилмайди. Биров йўқотолмайди, бузолмайди. Йўқотаман деганлар ўзлари йўқ бўлиб кетадилар. Бунга 1400 йиллик тарих гувоҳдир.

Мана шундай то Қиёматгача қоладиган Китобни келтирган зот — Оллоҳнинг энг суюкли бандаси, Унинг сўнгги Элчиси ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдир. Демак, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" деганимиз — яъни, "Оллоҳ биттадир, Муҳаммад Унинг Элчисидир", деганимиз бўлиб, биз Оллоҳ таолонинг бор ва бирлигига қандай ишонсак, Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг элчиси эканлигига ҳам шунчалик ишонганимиздир. Оллоҳ таолонинг кўрсатмаларини фақат Муҳаммад алайҳиссаломдан оламиз. Чунки бу кўрсатмаларни фақат Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ ва тўлалигича инсонларга етказганлар. Одамлар томонидан чиқарилган ҳар қандай бидъатлар, шарҳлар Оллоҳ таолонинг буйруғи эмас.

Демак, биз, ҳар биримиз "Муҳаммадур Расулуллоҳ" деганимиз — Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг элчиси, мен шу зотга эргашаман, деганимиз бўлади экан. Бу шунчаки тилда айтиб такрорлаб юрадиган калима эмас, балки бутун вужудимиз билан айтиб, бу калиманинг масъулиятини ҳис қилиб яшашимиз керак.

Ўрни келганда Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким экани, у кишининг қандай зот бўлганлари, жисмоний ва ахлоқий камолотлари ҳақида айтиб берсангиз...

Оллоҳ таоло ўзининг энг сўнгти ва энг мукаммал динини Ўзининг энг комил бандасига туширди. Шу зот орқали бутун инсониятга тарқалди. Мана шунинг ўзи бу кишининг қандай буюк шахс эканлигига далолатдир. Қолаверса, тарих бизларга очиқ далолат берадики, Расулуллоҳнинг замондошлари — улар хоҳ пайғамбаримизнинг саҳобалари бўлсинлар, хоҳ куфр келтириб ўтиб кетганлар бўлсин — уларнинг барчаси пайғамбаримизнинг қанчалик мукаммал инсон бўлганликлари ҳақида ёзиб қолдириб кетганлар. Шу хусусдаги тарих китобларидан Расулуллоҳ ҳаётининг ҳар бир куни ҳақида аниқ ҳужжатлар топамиз. Бу ҳужжатлар тарихий ҳақиқатлардир.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлик мақомига эришишлари, бу дунё ва Охиратда энг азиз инсон бўлиб олишлари учун Оллоҳ таоло у кишини туғилишларидан бошлаб тарбиялади. Ҳар қандай хатою гуноҳдан маъсум қилиб балоғатга етказди. Ҳақиқий воялари — қирқ ёшга етганларида Биринчи оят нозил бўлиб, пайғамбарлик даврлари бошланди.

Муҳаммад алайҳиссалом суратлари жуда гўзал, ҳар қандай киши кўрса ҳавас қиладиган, чиройлик қоматли киши эканлар. Бир саҳоба: "Мен Расулуллоҳни ой тўлган кечада кўрдим. Тўлин ой чиройлимиди ёки Муҳаммад алайҳиссаломми, билолмадим", дейдилар. Бу Оллоҳдан қўрқадиган, фақат ҳақ гапни айтадиган саҳобанинг гапидир. Расулуллоҳнииг бутун жисмоний аъзоларидаги гўзалликни кўриб лол қолган, у кишининг ҳақиқий инсоний гўзал маданий ахлоқларига гувоҳ бўлган ва у кишига уммат бўлганлар мана шу тарзда тарихларда ўзларининг гувоҳликларини ёзиб қолдирганлар. Расулуллоҳнинг ақлу фаросатлари шу кадар етук эдики, замондошлари ҳар қандай каттаю кичик ишда улардан маслаҳат олар эдилар. Ҳамма у кишининг ҳар қандай масалани адолат билан ечиб беришларига ишонар эди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлгунларигача бирон гуноҳ ёки хатога йўл қўймаганликларига тарих гувоҳ. Яъни, Оллоҳ таоло Қуръондек улуғ юкни қўймоқчи бўлган бандасини шундай пок сақлаб вояга етказган экан. Гўдаклик чоғларидаёқ Расулуллоҳнинг пайғамбар бўлишлари аломати зоҳир бўлган эди. Лекин буни пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам, бошқалар ҳам ҳали билмас эдилар. Бу аломатлар Қуръондан аввал келган Китобларда ҳам келтирилган эди.

Маълумки, ҳазрати Ийсо алайҳиссаломга Инжил нозил бўлди. Инжил нозил бўлишидан аввал — Одам алайҳиссаломдан тортиб то Ийсо алайҳиссаломгача ўтган пайғамбарлар орасида танаффус бўлмаган эди. Ҳар бир пайғамбар ўзидан аввалги пайғамбарнинг ўрнини тўлдириб келарди. Демак, кўрсатмалар пайдар-пай тушиб турар эди. Лекин Ийсо алаиҳиссаломга Инжил нозил бўлгандан кейин то ҳазрати Муҳаммадалайҳиссаломга Қуръон нозил бўлгунча орада олти аср ўтди. Ўша танаффус даврида бутун олам бир пайғамбар келмаяпти-ку, қачон келар экан, деб кутиб қолди. Инжилни қаралса, унда Олдоҳ таоло Мен охирги замон пайғамба-рини юбораман, деб берган ваъдаси кўрилади. Шунинг учун насронийлар яқинда пайғамбар келади, деб кутар эдилар. Лекин, бу пайғамбарнинг араблардан бўлиб қолишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмас эди. Инжилни ўқиган олимларгина келадиган пайғамбар қандай бўлишини билар эдилар.

Маълумки, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом оналари қорниларида ҳомилалик пайтларидаёқ оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб вафот қилганлар. Гўдаклик чоғларидаёқ оналари ҳам дунёдан ўтдилар. Пайғамбаримиз боболари Абдулмуттолиб ва амақилари Абу Толиб қўлларида тарбия топдилар. Абу Толибга гўё фарзанддек бўлиб қолдилар. Бу киши Муҳаммад алайҳиссаломни гўдаклик пайтлариданоқ тижорат сафарларига олиб борардилар. Ўшандай сафарлардан бирида (у пайтда Расулуллоҳ 9—10 ёшларда эдилар) бир мўъжиза содир бўлган эди.

Муҳаммад алайҳиссалом бирга бўлган карвон устида бир булут соябон бўлиб юраверибди. Бир жойга етиб келганларида насронийларнинг ибодатхонаси деразасидан қараб ўтирган бир роҳиб карвоннинг устида булут келаётганини кўриб қолади-ю, ўзларининг диний китобларида Охир замон пайғамбари келади ва унда бир қанча аломатлар бўлади. Улардан бири — бўлажак пайғамбар қачон соясиз жойда юрса, унинг устида бир булут соябон бўлади. Яна бир аломат шуки, ўша — пайғамбар бўладиган боланинг кураклари орасида пайғамбарлик белгиси — хол бўлади, деган хабарни эслайди. Роҳиб карвон устида жилмай турган булутни кўргач, булар орасида бўлажак пайғамбар бор шекилли, деб карвон оддига келади. Қараса, юзларидан нур ёғиб турган бир нажиб ўғлон бор. Хаёлидан: "Пайғамбар бўладиган сиёқи бор ўғил экан", деган фикр ўтади-да, "Бу кимнинг боласи?" деб сўрайди. Шу пайт карвонбоши Абу Толиб: "Менинг ўғлим", деб жавоб қилади. Роҳиб: "Сиз отасимисиз?" деб сўрайди. "Ҳа, мен отасиман". Шунда Роҳиб: "У ҳолда мен адашибман, бизларнинг китобимизда пайғамбар бўладиган бола онасининг қорнида ҳомилалик пайтидаёқ отаси вафот қилиб кетади, деб ёзилган эди. Агар сиз отаси бўлсангиз, мен адашибман", дейди. Кейин болани ечинтириб қарайдилар. Унинг кураклари орасида пайғамбарлик муҳри —муҳри нубувват бор эди. Бу роҳибнинг гумонини янгилаб, кучайтиради. Шундан сўнггина Абу Толиб бор ҳакиқатни айтади. Мен бу боланинг отаси эмасман, амакиси бўламан. Отаси, ҳақиқатан, бу бола ҳомилалик пайтидаёқ вафот қилган, бу менинг тарбиямдаги болам, дейди. Шундан сўнг роҳиб, бизнинг китобимизда хушхабар берилган бола шу йигитчадир, у пайғамбар бўлади. Бу жиянингизни жуда асраб-авайлаб катта қилинг, бирор бало-қазога учраб қолмасин, ҳеч бепарво бўлманг, деб насиҳат қилади Абу Толибга. Абу Толиб эса, "Эй роҳиб, агар Сенинг гапларинг ҳақ бўлса, яъни Оллоҳ ўз китобида шундай пайғамбар келади ва унинг аломатлари мана шундай бўлади, деб айтган бўлса, у ҳолатда пайғамбар бўладиган бу болани Оллоҳни ўзи сақлаб олади", деб жавоб қилади.

Хуллас, Муҳаммад алайхиссаломнинг пайғамбар бўлиши гўдаклик пайтиданоқ аниқ бўлиб, илмли одамлар шуни тан олиб, кутиб яшар эдилар.

Ва ниҳоят у зот қирқ ёшга етганларида Оллоҳ томонидан Қуръони Шарифдаги:

"Иқро" — "Бисми роббикаллазий холақ..." деб бошланадиган оят (Биринчи оят) нозил бўлди.

Шундай қилиб, Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг пайғамбари бўлдилар. Лекин пайғамбар бўлишларини у кишининг ўзлари ҳам билганлари йўқ. Ва ўша биринчи оятнинг ваҳий эканини, бу пайғамбарликнинг бошланиши эканини ҳам билганлари йўқ. Бу оят кутилмаганда, дафъатан тушди. Ҳазрати Жаброил фаришта Муҳаммад алайҳиссаломга шу оятни келтирганларида у киши қўрқиб кетдилар, даҳшатга тушдилар. Мен ўзимдан кетиб қолдимми, деган хавотир билан титраб-қақшаб уйларига келдилар. "Мени ўраб қўйинглар", дедилар.

Шунда Расулуллоҳга биринчи иймон келтирган зот у кишининг аёллари — Хадича онамиз бўлдилар. Бу зоти шарифа ўша заҳотиёқ ўзининг насроний уламолардан бўлган бир амакисига Муҳаммад алайҳиссаломни олиб бордилар ва бўлган воқеани баён қилиб бердилар. У киши эса: "Сен Оллоҳнинг пайғамбари бўлибсан, сенга ваҳий келибди. Лекин ўзингнинг қариндош-уруғларинг, ёру дўстларинг бу гапларингаи эшитгач, сенга душман бўлиб қолишади. Сени ҳатто ўз ватанингдан қувғин қилишлари бор. Афсус, мен қариб қолдим, бўлмаса ёнингда ёрдамчи бўлар эдим", дейди пайғамбарга. Шунда пайғамбар алайҳиссалом бу кишининг гапларига ишонқирамай: "Менинг кимлигимни яхши билган қавмим нега менга душманга айлансин?" деганларида, "Сен қиладиган даъватни булар ҳазм қилолмайдилар. Сени ёлғончига, сеҳргарга, мажнунга иқарадилар. Сенга кўп азиятлар етказадилар. Мана шундай ҳолат Сени кутяпти", деган эди ўша олим.

Мана шундан кейин 23 йил мобайнида бутун инсоният учун то Қиёмат ўзгармайдиган Илоҳий дастуриламал бўлган Қуръони Карим Расулуллоҳга нозил бўлди. Қуръон оятлари аввал 13 йил Маккаи Мукаррамада ва кейин 10 йил Мадинаи Мунавварада нозил бўлди. Бу орада инсонларнинг дилларида пайдо бўлган ҳар қандай саволларга жавобни, масалаларнинг ечимини Оллоҳ ўз каломи билан айтиб борди. Ва яна Охират диёридаги ҳодисотлар хусусида ҳам хабар берди.

Қуръони Каримнинг мўъжизалиги шундаки, 23 йил давомида нозил бўлган бу Илоҳий китобнинг аввалги ояти билан охирги ояти бир мазмунни ташкил қилади. Оятлар бир-бирига зид эмас, балки, шу қадар бир-бирини тўлдириб келганки, улар Ҳақ Оллоҳнинг каломи эканига дарҳол иймон келтирасиз.

Агар бу Китоб инсон томонидан ёзилган бўлганида эди, у ҳолда 23 йил давомида сўз ҳам, услуб ҳам — хуллас, ҳамма нарса ўзгариб кетган бўлур эди. Лекин, Оллоҳнинг каломи мукаммал калом бўлгани учун боши билан охири лафзда ҳам, маънода ҳам шу қадар мувофиқ-муносибдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳга кўп озорлар бўлди. Ҳатго ўз Ватанларидан кетишга мажбур бўлдилар. Мадинаи Мунавварага ҳижрат кдпдилар. У кишининг мушриклардан озор-азиятлар чекишларига фақат биргина сабаб бор эди. У ҳам бўлса Муҳаммад алайҳиссалом "Ла илаҳа иллаллоҳ" дер эдилар ва бошқаларга ҳам шундай дейишни буюрар эдилар.

Ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Сизлар сиғинаётган бутлар Худо эмас, уларнинг фойдаси ҳам, зиёни ҳам йўқ. Ёлғиз Оллоҳ бор. Оллоҳдан бошқа Худо йўқ, деган сўзларини мушриклар ҳазм қилолмас эдилар. Улар Муҳаммад алайҳиссаломга душман бўлиб қолдилар. Ҳатто амакиси Абу Толибга Макканинг зодагонлари келиб, эй Абу Толиб, жиянингта айтгин, агар унга пул ке-рак бўлса, биз боёнлар шу қадар кўп пул тўплаб берайликки, Муҳаммад орамизда энг бой одам бўлсин, агар мансаб керак бўлса, ўзимизга раҳбар қилиб сайлайлик, агар шуҳрат керак бўлса, шуҳратини ҳар тарафга ёяйлик. Фақат бизнинг худоларимизни сўкмасин, бутларимизга, санамларимизга тил теккизмасин, деб илтимос қилишганида ва бу гапни Абу Толиб Расулуллоҳга айтганларида, у киши ҳақиқий пайғамбарона жавоб бердилар: "Эй амаки, — дедилар, — булар менга ер юзидаги дунёни, салтанатни тавсия қилаётган эканлар, бу хеч нарса эмас. Агар улар Осмондаги қуёшни ўнг елкамга, ойни чап елкамга қўйиб берганларида хам "Ла илаҳа иллаллоҳ" дан қайтмасман. Чунки бу менинг вазифам, мен ўйлаб топган нарса эмас балки менга Оллоҳдан келган ваҳийдир". Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай деб, ўзлари ҳам йўлларидан адашмай, умматларини ҳам адаштирмай, Каломуллоҳни тўлалигича Инсониятга етказиб, ўз вазифаларини адо қилдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган у зотнинг Комил Инсон бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи баъзи ҳолатларни айтиб берсангиз...

— Бундай дўсту душман, мусулмону кофир тан олмай иложи йўқ ҳолатлар беҳисоб. У киши келтирган Китоб — Қуръони Карим ўзгармай турибди; Ўзлари вафот этганларига 1400 йилдан ортган бўлса-да, таълимотлари яшамоқда. Буни замонавий олимлар, ҳатто динимизга бегона бўлган олимлар ҳам тан олмоқдалар. Америкалик олимлар ўтган йили (1995) Инсоният тарихида ёрқин из қолдирган 150 нафар шахснинг рўйхатини туздилар. Ўша рўйхатга биринчи рақам билан Муҳаммад алайҳиссаломнинг табаррук исмлари киритилган. Бу рўйхатни мусулмонлар эмас, балки бошқа диндаги олимлар тузганлиги эътиборга лойиқдир. Улар инсоф билан Расулуллоҳнинг Инсониятга ўтказган таъсирини ҳисобга олганлар. Бу биз мусулмонларнинг кўзини очадиган ҳолатдир. Мана шундан ҳам биз қандай улуғ зотга эргашган бахтли уммат эканлигимиз кўриниб турибди.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу дунёда чеккан азиятлари, кофирлар томонидан кўрган озорлари — бир инсон кўтара олмайдиган заҳматлар эканлигини тушунамиз. Пайғамбар алайҳиссалом Маккаи Мукаррамада "Ла илаҳа ил-лаллоҳ" даъватини қилиб юрар эканлар, кофирлар у зотни қаерда бўлмасин ҳақорат қилдилар. Саҳобалардан бири шундай эслайди: "Бизларни кофирлар ҳақорат қилиб, тошбўрон қилиб Маккадан қувиб чиқардилар. Мен Пайғамбар алайҳиссаломга тош тегиб кетмасин, деб ёнларини тўсиб турар эдим. Шаҳардан жуда четлаб кетдик. Мен чидолмай қолдим. Ниҳоят, ўзимиз ҳоли қолганимизда: "Ё Расулуллоҳ, Сиз Оллоҳнинг дўсти, энг суюкли бандасисиз, энг сўнгги пайғамбарсиз, ҳар бир дуоингиз ижобат бўлади. Дуо қилинг, Оллоҳ шу кофирларни йўқ қилсин", деб сўрашга мажбур бўлдим. Шунда Расулуллоҳ қўлларини дуога очиб: "Эй парвардигор, Сен бу қавмни азобламагин, булар билмаганидан шундай қиляптилар", деб дуй қилдилар".

Яна Ўзларидан шу дуолари ҳақида бир гап бор: "Ҳар бир пайғамбар учун Оллоҳ томонидан берилган ва ҳеч қайтарилмайдиган дуо ҳуқуқи бор. Пайғамбарнинг бир дуоси албатта ижобат бўлишига ваъда берган. Мана шу ваъданинг ҳақиқат эканлигига мендан аввалги барча пайғамбарлар шоҳид бўлдилар, яъни Оллоҳ берган шу ҳуқуқдан фойдаланиб дуо қилдилар. Масалан, умматлари озор берса, "Эй парвардигор, мана шу кофирларни йўқ қил", деб дуо қилдилар. Оллоҳ уларни сув балосига, зилзила балосига гирифтор қилди, яъни ўша пайғамбарларнинг дуоларини ижобат қилди. Пайғамбарлар имкониятларидаги бошқа дуоларни ҳам сўраб оддилар. Лекин мен ўша дуоимни Охиратга олиб қўйдим. Мен Оллоҳ таоло ҳузурида "Умматларимни мағфират қилгин", деб дуо қилмоқчиман. У Кунда, ҳеч Имконият йўқ Кунда менинг дуоим умматларимнинг фойдасига бўлсин деб, бу дунёда сўрамадим", деганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Кечирасиз, устоз, яқинда мен бир китобда пайғамбаримизтнг "Қиёмат кунида одамларнинг энг саййиди, улуғи мен бўламан", деган ҳадиси шарифни ўқиб қолдим. Лекин у китобда мазкур ҳадиснинг изоҳи ҳамма ҳам тушуниб оладиган даражада эмасдек туюлди менга...

— Ҳақиқатан бир ҳадисларида "Қиёмат кунида одамларнинг энг саййиди, улуғи мен бўламан", деганлар фахр билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. Яъни, ўша Қиёмат кунида Оллоҳ бир текисликка бугун Инсониятнинг ҳаммасини тизиб қўяди. Ўзининг қудрати билан ҳар бир инсонни эшитадиган, кўрадиган даражада қилиб бир майдонга йиғади. Ҳазрати Одамдан тортиб Қиёматгача бўлган ҳар бир инсонни йиғади. Мана шу пайтда Оллоҳнинг амри билан Қуёш ҳам пастта тушади. Демак, инсонлар иссиқдан шу қадар азобда қоладиларки, ўзларидан чиққан терларига қўмилиб қолаёзадилар. Қулоқларигачатерга ботадилар. Ана шунда бизни шафоат қиладиган, қўллайдиган бирон кимса йўқмикин, деб аввало Оллоҳнинг пайғамбарларига илтижо қила бошлайдилар. Аввал Одам алайҳиссаломга бора-дилар. У зот Оллоҳнинг бугунгидай ғазабини илгари ҳеч кўрмаган эдим, мен ҳозир ўзимни қутқариб олсам ҳам катта гап, Нуҳга боринглар, дейди. Нуҳ алайҳиссалом ҳам шу жавобни қилади ва Иброҳимга боринглар, дейди. Иброҳим Мусога, Мусо Ийсога боринглар, дейдилар. Пайғамбарларнинг ҳар бири, мен ўзимни жонимни қутқарсам катта гап, деб қолишади. Ва ниҳоят Ийсо алайҳиссалом ҳазрати Му-ҳаммад алайҳиссаломга боринглар, деб маслаҳат беради. Шунда "Ла илаҳа иллаллоҳ" деб ўтган инсонлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурига келиб, илтижо қилиб: "Бизнинг гуноҳимизни Оллоҳдан сўраб беринг", дейдилар. Ана шунда Расулуллоҳ: "Мен Оллоҳ аршининг остига бориб, бошимни саждага қўйиб, ҳали ҳеч ким айтмаган ҳамду санолар билан Худойимга хушомадлар қиламан, саждадан бошимни кўтармай йиғлайвераман, сўрайвераман, ҳамду санолар айтавераман. Шунда Оллоҳдан: "Эй Муҳаммад, бошингни кўтар", деган овоз келади. "Сўра, сўраганинг берилади", дейди Тангрим. Шунда: "Ё Раббий, умматий", деб сўрай-ман. Яъни: "Парвардигоро, умматимга раҳм қилғил, ум-матларимни гуноҳларини кечгил", деб дуо қиламан. Шунда Оллоҳ таоло умматларингдан беҳисоб инсонлар Жаннатнинг Ўнг дарвозасидан кирсинлар, деган амрни қилади. Ўнг дарвозанинг эни Макка билан Химяр деган шаҳарнинг орасичалик, яъни бир неча юз чақирим бўлади. Мана шу ердан кирсинлар умматларингиз, сиғмаганларига Жаннатнинг бошқа дарвозалари ҳам очилсин, деган буйруқ бўлади, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Сиз билан биз мана шундай беҳад меҳрибон зотга умматдирмиз. "Муҳаммад Расулуллоҳ" деган калима билан мана шу шарафга эга бўламиз.

Шунинг учун биз мўъмин-мусулмонларнинг асосий калимаси бўлган "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расул-уллоҳ" калимасини сидқидиддан, чин ихлос ва бутун вужудимиз билан бир умр айтишимиз, иймон келтиришимиз ва унга амал қилишимиз керакки, бу бизларга, иншооллоҳ, нажот бўлади.

Суҳбатимиз ниҳоясида яна бир ҳадиси шарифга мурожаат қилайлик. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломдан Муоз ибн Жабал исмли бир улуғ саҳоба ривоят қиладилар: "Бир куни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир туяга мингашиб кетаётган эдим. Пайғамбаримиз: "Ё Муоз", дедилар. "Лаббай, Расулуллоҳ!" У киши гапларини айтмадилару, бир оздан сўнг: "Ё Муоз", дедилар. Мен "Лаббай!" дедим. Яна индамадилар. Сўнгра учинчи бор: "Ё Муоз", дедилар. Мен ҳам учинчи бор "Лаббай", деганимдан сўнг: "Сенга Оллоҳнинг бандалари зиммасидаги ҳаққини айтиб берайми?" дедилар. "Айтиб беринг, ё Расулуллоҳ'", дедим мен. Шунда у зот: "Оллоҳнинг бандалари зиммасига юклаган ҳуқуқи — уларнинг "Ла илаҳа иллаллоҳ" дейишларидир". "Энди бандаларнинг Оллоҳ зим-масидаги ҳуқуқи эса, кимда-ким "Ла илаҳа иллаллоҳ" деса, Оллоҳ уни азобламайман, деган ваъдасидир", дедилар.

Бу шундайин қимматбаҳо гап эдики, буни эшитган одамлар ўзларидан кетиб қолмасинлар, бу гапнинг қадр-қимматини тушунмай қолмасинлар, деб Пайғамбар уч бор "Ё Муоз", деб такрорлаб, тараддудга тушиб, барибир айтиш зарурати борлиги учун айтдилар.

Демак, бизлар "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ", десак ва бир умр ушбу муқаддас калимага Содиқ қолсак, Оллоҳ таоло биз бандаларини Охират азобидан қутқараман деган экан, ҳар бир ақл-фаросатли инсон бу улуғ калимани бажонидил айтиб, бир умр шу калима билан ўтишимиз зарурдир.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:14:29
НАМОЗ

Муҳтарам устоз, намоз ибодатининг қандай ибодат эканлигини, дини Исломда унинг ўрни қай даражада эканлигини, афсуски, замондошларимизнинг ҳаммасиҳам тўла англаб етолмайдилар. Қолаверса, аввалги суҳбатларингизда калимаи шаҳодатни, калимаи тоййибани ўргандик. Энди навбат, менимча, намоз ибодати ҳакидаги суҳбатга етди...

— Тўғри, Ўктамбек, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси юзасидан бўлган суҳбатимиздан сўнг бугунги суҳбатимизни намоз ибодатига бағишласак, пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини Исломнинг беш асосий рукнини санашдаги тартибига риоя қилган бўламиз. Зеро, ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам "Буниял Исламу ала хомсин..." деб бошланадиган ҳадисларида: "Ислом беш нарса устига қурилди. Шулардан аввали — "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси, иккинчи намоз, давомида закот, рўза ва ҳаждир. Мана шу беш нарса устида Ислом бино бўлди", деб хабар берганлар.

Намоз динимиздаги фарз бўлган амаллардан биридир. Оллоҳ Қуръони Каримда:

"Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг", — деб марҳамат қилади.

Қуръони Каримнинг бошқа юзлаб оятларида ҳам Парвардигоримиз мўъминларга намоз ўқинглар, деган фармонни беради.

Демак, динимизда намознинг ўрни энг юқори мавқеда экан, унинг қандай ибодат эканлигини билиб олишимиз — бу ибодатга астойдилроқ киришишимизга ва оқибатда Оллоҳ биздан рози бўлишига сабаб бўлади, иншооллоҳ.

Қуръонга кўра намоз инсоннинг инсон бўлиб яшашига сабаб бўладиган ибодатдир. Оллоҳ таоло яна бир ояти каримада:

 "(Эй Муҳаммад), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб — Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозини тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонлиқдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур". (Анкабут, 45-оят.)

Яъни, намоз ўқиган инсоннинг Оллоҳ рози бўладиган ҳаёт кечиришини намоз кафолатлайди, деб Оллоҳ таоло ваъда беради бизга.

Чин инсоний ҳаёт кечиришимизни кафолатлайдиган мана шу ибодат биз мўъмин-мусулмонларга қай тарзда фарз бўлди?Мана шухусусда батафсил айтиб берсангиз.

Бажонидил. Бу ҳақда ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларида бизларга хабар берганлар. Жумладан, Саҳиҳул Бухорийда, Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан бу ҳақда бир ҳадис келадики, унинг мазмуни шундай. Анас бин Молик розияллоҳу анҳу айта-дилар: "Улуғ саҳобалардин Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳу бизларга ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳикоя қилиб, айтиб бергандиларки, пайғамбаримиз шундай деган эканлар: "Бир кун Маккадаги уйда, тун ярмида шифт ёрилиб, ўша ёриқдан ҳазрати Жаброил алайҳиссалом тушиб келдилар. Ва тўғри олдимга келиб, кўкрагимни ёрдилар. Унинг ичини Замзам суви билан ювдидар. Кейин бир тилло жомдан Илм ва Ҳикматни, Иймонни очиқ кўксимга қуйдилар. Сўнгра, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, кўкрагим битди. Шундан сўнг, Оллоҳнинг амри билан Жаброил алайҳиссаломнинг қанотида осмонга кўтарилдик".

Эътибор беринг: бизларга намоз фарз бўлиши учун, мўъмин-мусулмоннинг энг олий вазифаси бўлган бу ибодатни Оллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарига ва унинг умматлари бўлган сиз ва бизга буюриш учун шу буйруқни Ерда эмас — осмонда буюриш учун фаришта юборган эканки, бу фаришта Оллоҳнинг буйруғи билан пайғамбаримизни Меърожга олиб чиқиб кетдилар.

Меърож Ислом тарихида буюк воқеадир.

Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари ичида Унинг Ўзи билан бевосита ер юзида гаплашган бир пайғамбар, яъни фаришта Жаброилнинг воситасисиз гаплашган пайғамбар ҳазрати Мусо алайҳиссалом эдилар. У зот Инсоният тарихида, "Калимуллоҳ" деган унвон билан қолганлар. "Калимуллоҳ" — "Оллоҳ билан сўзлашган" деганидир. Яратган Парвардигоримиз — Ҳақ субҳонаҳу ва таоло билан Арши аълода гаплашган биргина пайғамбар борки, у бизнинг пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Оллоҳ таоло пайғамбаримизни Арши аълога намоз аталмиш буюк бир вазифани бериш учун чорлаган эди. Буни қарангки, Оллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарини ҳузурига чорлар экан, Расулуллоҳнинг суврати гўзал, вужуди доимо пок юришига қарамай, вужудининг ичини ҳам ювиб, тозалаб олиб чиқишни Жаброил алайҳиссаломга буюрди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг кўксини ёриб ювгач, у жойга Илму Ҳикматни ва Иймрнни жойлаб, шундан сўнггина Арши аълога олиб чиқиб кетдилар.

Бизлар намоз ўқиш учун тоза кийимлар кийиб, таҳорат оламиз. Тоза жойда туриб, покиза ҳолатда Оллоҳимизга ибодат қиламиз. Оллоҳ таоло ҳузурига — Осмонга — Арши аълога чиқиш учун эса инсоннинг ичлари ҳам ювилган бўлиши шарт эканки, бундай саодат инсоният орасида фақат ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга — бизларнинг пайғамбаримизга насиб этди.

Пайғамбаримиз етти қават Осмонни Жаброил алайҳиссаломнинг ҳамроҳлигида босиб ўтдилар ва унинг ҳар бир қаватида ўзидан аввал ўтган пайғамбарлар билан учрашдилар.

Осмоннинг энг қуйи — биринчи қаватида ҳазрати пайғамбаримиз Инсониятнинг Отаси — Одам алайҳиссаломга йўлиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у Зотнинг ўнг тарафларида ҳам, сўл тарафларида ҳам тумонат одамнинг қораларини кўрдилар. Одам алайҳиссалом ўнг тарафларига қараб кулар, чап тарафларига қараб эса, йиғлар эдилар. Бунинг боисини пайғамбаримиз ҳамроҳи — Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Ҳазрати Жаброил: "Одамнинг ўнг тарафида турган инсонлар — Оллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган кишилардир. Одам уларнинг ҳолларидан хурсанд бўлиб куляптилар. Сўл тарафидагилар эса динсиз ўтган бахтсиз кимсалар, Оллоҳнинг ғазабига учраган кимсалардир. Ана уларнинг аҳволларини кўриб Одам алайҳиссалом ота сифатида йиғлаяптилар", — деди.

Пайғамбаримиз Осмоннинг кейинги қаватларида Идрис, Мусо, Ийсо ва Иброҳим пайғамбарлар билан учрашиб, саломлашиб ўтдилар ва ниҳоят Етгинчи Осмонга—Арши аълога, Оллоҳнинг Курсисининг олдига етиб бордилар ва у Зотга Ҳақ Субҳонаҳу ва таоло билан, Яратган Парвардигорнинг Ўзи билан бевоста ҳамсуҳбат бўлиш насиб этди.

Мана шу жойда — Еттинчи Осмонда пайғамбар алайҳиссаломга кунда эллик бор намоз ўқиш фарз қилинди. Пайғамбаримиз бу буйруқни жуда хурсандлик билан қабул қилиб изига қайтаётганларида, биродарлари ҳазрати Мусо алайҳиссалом томонидан: "Сизга ва умматларингизга қандай вазифа бўлди?" — деган савол берилди. "Эллик вақт намоз ўқиш вазифаси бўлди",.— жавоб берди пайғамбаримиз. Шунда Мусо алайҳиссалом: "Сизнинг умматларингиз бунга тоқат қила олмайдилар. Бундай иш менинг бошимга тушган. Менинг умматларим ҳам тоқат қилолмаганлар. Улар гуноҳкор бўлиб қолмасинлар. Оллоҳга ёлборинг, зора камайтирса", — дедилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз Оллоҳдан бир қунда ўқиладиган намозлар микдорини камайтиришни ёлбориб сўрадилар. Охир-оқибат, Оллоҳ таоло 5 вақт намоз фарз, ҳар бир намозга 10 вақт намознинг савобини бераман — 50 вақт бўлади, бу сўзим ўзгармайди, дейди. Ва ўша соатда Оллоҳ таоло ҳазрати Расулуллоҳни меҳмон қилиб, бошқа пайғамбарларга насиб этмаган бир ҳолатга гувоҳ қилиб қўиди. Яъни, Жаннатнинг бир четини кўрсатди. Жаннатнинг четида "Сидрат ул-мунтаҳо" деган дарахт бор, дейдилар. Бу бизнинг тафсиримизда "энг четдаги нилуфар" деб келтирилган (луғавий маъноси шундай). Бу дарахт оддий инсоннинг тасаввурига сиғмайдиган даражада гўзал дарахт экан. Оллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида бизга хабар берадики, бу дарахт Жаннатнинг ёқасидаги Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга маълум эмас экан. Ҳазрати Расулуллоҳга шу дарахт олдигача етиш насиб этди. Дарахтни фа-ришталар ўраб турар, бу жойдаги Файзи Илоҳий мислсиз эди. Жаннатнинг инжу марваридлар билан тўла эканлиги-ни, тупроғи мушку анбар эканлигини кўрдим, дейдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шундай қилиб, Жаннатнинг бир четини кўрганларидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Оллоҳга шуқурлар қилиб, Унинг амри билан Ерга бир Улуғ вазифани олиб қайтдилар.

Исломдаги бошқа фарзлар — закот, рўза, ҳаж — Ерда фарз қилинган эди. Аммо намоз шу қадар улуғ ибодатки, пайғамбаримиз бу вазифани Осмонда олдилар. Бу ҳақда Оллоҳ таоло Қуръондаги "Исро" деган алоҳида бир сурада Ўзининг суюкли пайғамбарини мана шундай улуғ мартабага — Меърожга кўтарилишга муваффақ қилганлиги ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

Осмондаги ҳавони, муҳитни — Жаннатнинг бир четини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом қайтиб тушгач, Ерга сиғмай қолдилар. Нафас ололмай қолдилар. Шу пайт Оллоҳдан илҳом бўлиб икки ракат нафл намозини ўқидилар. "Оллоҳу Акбар", деб намоз бошлашлари биланоқ Расулуллоҳга Меърождаги ўша ҳолат, ўша роҳат, ўша ором қайтиб келди. Пайғамбаримиз намозни битириб, салом берибоқ айтган гаплари шу бўлди: "Иннас солата меърожул мўъминин", яъни: "Албатта, намоз мўъминларнинг Меърожи экан, — дедилар. — Ҳар бир мўъмин "Оллоҳу Акбар", деб намоз бошлаши биланоқ Оллоҳ ҳузурида турган, Меърожга чиққан бўлар экан", — дедилар.

Шундай қилиб, бизларга кунда беш бор Меърожга чиқиш, ҳозирги замон тили билан айтадиган бўлсак, кунда беш бор Оллоҳнинг қабулига кириш насиб этди. Намозда қай ҳолатда туришимизни, қандай Сўзларни айтишимиз-ни ҳам Оллоҳнинг Ўзи буюрди ва пайғамбаримиз томонидан бизга намознинг арконлари, намоздаги вазифалар баён қилиб берилди.

Демак, ҳар бир мусулмон намоз пайтида Оллоҳнинг ҳузурида бўлар экан. Бизларнинг бошқа пайтдаги илтижоларимиз, дуоларимиз Худога, эҳтимол, етмай қолар, аммо намоз пайтида қилган дуо-илтижоларимиз Оллоҳга етиб боради. Меҳрибон парвардигоримиз нима илтижо қили-шимизни, қайси сураларни ва оятларни ўқишимизни, нима деб дуо қилишимизни Ўзи таълим берди.

Пайғамбар алайҳиссалом, намоз инсоннинг оқланиб, покланиб туришига сабабдир, деганлар. Ва яна бир муборак ҳадисларида, намоз Жаннатнинг калитидир, дедилар.

Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан сўрадилар: "Киши ўз ҳовлисидан оқаётган анҳорда кунда беш бор чўмилса, шу кишида кир қоладими?" — "Йўқ", — деган жавоб бўлди. "Беш вақт намоз ўқиган одамда ҳам ҳеч қандай гуноҳ қолмайди, — дедилар жаноби пайғамбаримиз, — ҳар икки намознинг орасида қилинган саҳву хатолар намоз билан ювилиб туради".

Бу ҳеч кимга, аввалги динлардаги кишиларга насиб этмаган улуғ бир бахтдир. Қарангки, ҳар бир ибодатимизга ўн ибодат савоби ёзилиши ваъда қилинди. Бу бахт биз мусулмонларгагина насиб этди. Бизларга намоз ибодатини ҳар жойда бемалол адо қилиш имконияти берилди. Бошқа динлардага ибодатларга назар ташланса, улар муайян жбйлардагина адо этиш керак бўлган ибодатлар эканлигини кўрамиз. Бизнинг муқаддас Ислом динимизда эса намозни ҳар жой ва ҳар ҳолатда адо қилишимиз буюрилди. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларидан бирида Оллоҳ таоло бошқа ҳеч қандай бандасига ато қилмаган кўп неъматларни менга ато қилди. Улардан бири шуки, менга Ер юзини саждагоҳ қилиб қўйди, дейди.

Намозни саҳродами, дала-даштдами, йўлдами ёхуд чўлдами, уйдами ё масжиддами — вақти келиб қолганда ўқийверасиз. Намозни тарк қилишни ҳеч қандай ҳолатда узри йўқлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Яъни, Оллоҳ таолога иймон келтирган инсон беҳуш эмас экан, ақли расо ва уйғоқ экан, намоз вақти бўлганда бу ибодатни бажариш фарз бўлди. Ҳатто китобларда: агар киши касаллиги туфайли тик туриб намоз ўқишга қодир бўлмаса, ўтириб ўқисин; ўтириб ўқишга ҳам кучи етмас бўлса, ётган жойида ёнбошлаб ўқисин — бу фарздир, дейилган. Яъни, бошни қимирлатиш билан, ишора билан намознинг рукуъ, саж-даларини адо қилиши мумкин. Бошни қимирлатишга ҳам ҳоли етмайдиган инсонгина намоз ўқишдан вақтинчалик — аҳволи яхшиланиб қолгунча озод этилади.

Намоз ўқиётган мусулмоннинг суратини тасаввур қилинг-а?! Оллоҳ таоло инсонни яратар экан, у (инсон) ожиз бир ҳолатда дунёга келади. Секин-аста эмаклаб юрадиган, кейинроқ қадди расо бўлиб, Оллоҳ яратган бошқа барча жонзотлардан фарқли ўлароқ, тик юрадиган бўлди. Бу фақат инсонга насиб этган катта бахтдир. Мана шундай ҳолатда инсон Яратувчисини эслаб, У Зотнинг фар-монларини эслаб, ўзига ўхшаган инсонларга эгилиб-букилавермасдан, қаддини ҳамманинг олдида тик тугиб, фақат Оллоҳнинг олдида таъзим қилиб, фақат Унинг Узига сажда қилиб ўтиши Худога хуш келадиган ишдир. Бизлар бемалол тик турадиган ҳолатимизда бошимизни эгиб, она заминга бошимизни қўйиб, Оллоҳга саждалар қилишимиз, тавба-тазаррулар қилишимиз, саждада "Субҳона роббиял аъла" ("Мен олиймақом бўлган Парвардигоримни поклайман") дейишимиз Худога хуш келадиган ишдир. Чунки, Худои таоло отамиз Одам Атони Ер жинсидан яратди ва у зотдан инсонларни таратди. Сўнгра уларни Ерда тик қилиб қўйди. Кейин вақти келиб яна ўша Ерга кириб кетадиган такдирни бизга раво кўрди. Яъни, ер бизни ўз "елкасида" кўтариб юриб, Оллоҳ айтган муддат тугагач, яна ўз бағрига олади. Мана шу Ер орқали Ўзининг осмонлардаги Жаннатига етишимизни ваъда қилади. Биз инсонларга вафотимиздан сўнг бошқа жонзотларга насиб қилмаган бахт — Ер-бағрида ётиш бахти насиб қилган. Бу бизнинг инсонлигимиз аломатидир. Пайғамбар алайҳиссалом: "Сажда инсоннинг қисматидаги жуда катта неъмат: у етти аъзоси — боши, икки қўли, икки тиззаси ва икки оёғининг учлари билан сажда қилади. Саждада Ерга тегиб турган аъзоларимизга дўзах ўти тегмайди", деганлар. Яъни, вужудимизни поклашимиз намоз билан бўлар экан. Саждада Ерга тегиб турган аъзоларимиз ва сажда қилинган жой Оллоҳ ҳузурида "Сен учун ва Сенинг буйруғингни адо қилиб сажда қилган инсон шудир", деб Қиёмат кунида Ер юзининг қаерида бўлмайлик, гувоҳлик берарканлар. Демак, намоз — ҳаётимизни чиройли, инсоний ҳолатда ўтказишимиз учун меҳрибон Парвардигоримизнинг бизларга берган неъмати экан.

Ҳақиқатан ҳам кунда беш бор намоз ўқийдиган, яъни кунда беш бор Оллоҳнинг қабулига кирадиган инсон, албатта, икки намоз оралиғида ёмон ишларга қадам босолмайди. Чунки у бир оздан сўнг жойнамоз устида намоз ўқийман, деб ўйлайди. Демак, намоз ҳар соатда инсонийлиқдан, поклиқдан четламаслигимизга кафолат экан.

Устоз, намознинг ҳикматлари кўпки, у биргина суҳбат эмас, балки ўнлаб суҳбатларга ҳам сиғмаслиги табиий. Бугунги суҳбатимизда ўша ҳикматлардан баъзи бирлари усти-да тўхталсангиз айни муддао бўлар эди...

— Албатта, намознинг ҳикматлари ҳақида гапирмасак суҳбатимиз мукаммал бўлмас. Ўша ҳикматлардан бири намозни жамоат билан биргалиқда ўқишнинг афзаллигидир. Тўғри, намозни ёлғиз ўқиса бўлаверади, бироқ уни жамоат билан биргалиқда ўқишнинг фазилати фавқулодда зиёда эканлигини ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Жамоат намози ёлғиз намоздан 27 бор афзал бўлади".

Хўш, бунинг ҳикмати нимада? Диний китобларимиздан шундай жавоб топамиз: жамоат ҳар бир инсоннинг ўзини ўнглашига сабаб бўлади. Инсон жамоатга қўшилганида ва яхши, тақволи, Оллоҳдан қўрқадиган пок зотларни кўрганида, уларга қараб туриб ўзидаги баъзи бир қусурларни ўнглашга, йўқотишга ҳаракат қилиб қолади.

Бундан ташқари, намозни бир имомга иқтидо қилиб ўқиш — мусулмонларнинг бир сафда туришини очиқ кўрсатадиган ҳикмат экан. Сафларда "Оллоҳу Акбар" билангана бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кучишимиз, ҳаммамизни бир хил ҳолатда сажда ва рукуъ қилишимиз ва имомнинг — раҳбаримизнинг тавсияси билан намозни тенг тугатишимиз биз мусулмонларнинг якдиллигига, қараб турган тара-фимиз бир тараф эканлигига ёрқин далолатдир.

Бошқа динлардаги каби уйнинг қайси бурчагига бут қўйиб олинса, ўша бурчакка қараб сиғинавериш бизнинг динимизда йўқ. Бизларга фақат Оллоҳнинг уйи бўлган Каъба тарафга юзланиб туриб ибодат қилиш буюрилди. Бу ҳолат айниқса намоз жамоат бўлиб ўқилганда яққол кўзга ташланиб туради.

Жамоат билан намоз ўқилганда сафларнинг текис бўлиши динимизда алоҳида таъкидланади. "Агар сафларингиз қийшайса, Оллоҳ сизларга қарамайди", — дейдилар Расулуллоҳ ҳазратлари. Демак, биз мусулмонларнинг бир сафда туриб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога биргалиқда итоат қилишимиз бир-бировимиз билан иттифоқда бўлишимизни таъминлар экан.

Яна бир ҳикмат. Намозни, одатда, "Ассаламу алайқум ва роҳматуллоҳ", деб тугатамиз. Мана шу салом беҳуда берилмайди. Бизлар намозни тугатганимизда икки тарафимизда биз билан бирга намоз ўқиган биродарларимизга, намозимизга раҳбарлик килган имомимизга ҳамда намозимизда ҳозир бўлиб турган Оллоҳнинг малоикалари — фаришталарга салом берамиз. "Сизларга омонлик ва Оллоҳнинг раҳмати бўлсин", — деган дуони қиламиз. Ҳар бир намозхон айтади бу дуони. Бошқа ҳеч қайси динда кўрилмайдиган бу ҳикматнинг маъноси нимада? Бунинг маъноси — жамоат бўлиб намоз бошлаётган мусулмонлар орасида бир-бирига адовати, гина-кудурати бор кишилар бўлиши мумкин. Агар шундайлар бўлса, улар бир намознинг ичидаёқ ўнгланиб олсинлар-да, намозни "Сизга омонлик ва Оллоҳнинг раҳмати бўлсин", деб тугатсин. Бу дуони хафа бўлган киши ҳам, хафа қилган киши ҳам айтсин. Шу билан уларнинг ораларидаги адоват тугасин. Демак, дуои хайр билан тугал бўладиган икки ракат намознинг ўзиёқ ораларида ихтилоф бор одамларни бирлаштириб, бир-биримизнинг ҳақимизга дуо киладиган қилиб қўяди. Бу ҳолат фақат намоз жамоат билан ўқилганда кўрилади.

Намоздайин улуғ неъматни бизларга ато қилган Парвардигоримиз бизнинг қилган ибодатларимизга муҳтож эмас. Балки ўқийдиган намозимиз Охиратдаги — Оллоҳнинг ҳузуридаги ваъда қилинган Жаннат дарвозаларининг биз учун ҳам очилишини ва Яратганнинг бошқа муко-фотларига ҳам мушарраф бўлишимизни таъминлайдиган ибодатдир. Бундан ташқари, таҳорат билан пок кийимда юришимизни, нопок йўл ва нопок сўздан қочишимизни тақозо қиладиган бу ибодат бу дунёнинг ўзида ҳам ҳаётимизнинг покиза ўтишига, демакки, Инсон бўлиб ҳаёт кечиришимизга кафолат бўладиган катта неъмат - Оллоҳимизнинг биз мусулмонларга инъом этган неъмати экан.

 Демак, бизлар мўъмин-мусулмон эканмиз, Оллоҳ таоло бизларга иймон-исломни насиб этган ва Ўзининг ҳидояти билан Ҳақ йўлга бошлаб қўйган экан, оз муддатли ҳаётимизни пок яшаб ўтишимиз учун Оллоҳнинг энг улуғ фарзи — Жаннатнинг калити бўлган намоз ибодатини адо қилиб ўтсак, иншооллоҳ, бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам саодатли кишилардан бўламиз.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:14:47
ЗАКОТ ҲАҚИДА

Устоз, бугунги суҳбатингизни закот ибодатига бағишласангиз. Кундан-кунга ўзгариб бораётган ҳаётимизда айнан мана шу ибодат ҳақидаги билимларга бўлган эҳтиёжимиз ортиб бормокда...

— Дини Исломнинг учинчи рукни бўлган закот инсонларни нафақат ибодатга чақирадиган, балки ижтимоий ҳаётни ҳам қамраб оладиган, кишиларнинг бир-бирларига бўлган масъулиятларини кўтарадиган ва умуман ижтимоий ҳаётда адолат барқарор бўлишига сабаб бўладиган динимизнинг жуда ҳикматли фарзларидан биридар. Бу ибодатнинг улуғлиги ва зарурлиги шундаки, шариатимиз закот орқали камбағалларнинг ҳолидан хабар олиб туришни бойларнинг зиммасига юклайди. Закот ибодатининг аҳамияти, хусусан, бизнинг кунларимизда — иқтисодий қийинчиликлар кечаётган, кишилар бойлар ва камбағалларга бўлинаётган кунларда янада яққолроқ кўринади.

Оллоҳ таоло Қуръони Каримда закот ҳақида тафсилот билан такрор ва такрор айтган. Қуръоннинг 82-оятида закот намоз билан баробар келган. Яъни, Оллоҳ қаерда намозни адо қилинг, деб буюрган бўлса, шунинг баробарида закотни беринг, деб буюрган.

Ўша 82-оятдан ташқари бошқа алоҳида оятларда ҳам Закот ҳукми баён қилинган. Бу Закот ибодатининг динимизда тутган ўрни нақадар мустаҳкам эканлигини, унинг фарз амал эканлигини далолатлайди.

Қолаверса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида бойлар камбағалларга эҳсонлар, садақотлар, яхшилик қилишига даъват қилганлар.

Қуръони Каримда Оллоҳ таоло Ўзининг Жаннати бандалари ҳақида, ҳақиқий тақволи кишилар тўғрисида:

"Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бўлар" (Ваз-зориёт-19)— деб марҳамат қилган. Демак, Оллоҳ кимга молу давлат берса, ўшанинг бир қисми аниқ камбағалларнинг ҳақи, деган зътиқодда яшашимиз зарурлиги иймонимизга, тақвоимизга далолат эканлиги маълум бўлада.

"Закот" сўзи аслида арабча сўз бўлиб, "поклаш", "ундириб-ўстириш" деган маъноларни билдиради.

Биз Оллоҳ таоло ўзи омонат қилиб берган молу дунёни поклаб олиб, сўнгра ундан фойдаланишимиз жоиз. Ўша молу дунёнинг озгина қисмини Оллоҳ ўзиники деган. Шу қисм камбағалларга берилганда топилган дунё пок бўлади, дейди Оллоҳ. Бу қисм миқдори юздан икки ярим фоиздир ёки қирқдан бирдир.

Худди қозонда пишаётган таомнинг устидаги кўпикни олиб, уни тозалаб олгандай, молу дунёни ҳам тозалаб олиш даркор.

Закотни ўзимизнинг қариндош-уруғларимиз, қўни-қўшни, маҳалла-кўйларимизга берамиз ва бу билан ўртамиздаги меҳр-оқибат, биродарликни ривожлантирамиз, топган мулкимизни поклаб оламиз.

Закот бериш билан суратда молимизнинг миқдори гўё камайгандек бўлар, аслида эса, Оллоҳ бунинг номини "закот" деб қўйган экан, демак, бойлигимиз камаймайди, балки, аксинча, ўсади. Яъни, суратда молимиз камайгандай кўринса ҳам, Оллоҳ бизда қолган ҳалол қисмига шу қадар баракот берадики, берганимиздан бир неча бор кўпроғини Оллоҳ бу дунёдаёқ қайтаради. Закот сўзининг "униш-ўсиш" маъноси мана шундан келиб чиқади. Бу гўё деҳқоннинг ерга дон сочишига ўхшайди. Ерга ташланган битта дон Оллоҳ баракот берганлиги туфайли қирқта бўлиб қайтиб келгани каби. Сизнинг қирқдан бир улушингиз Оллоҳнинг марҳамати билан бир неча бор кўпайиб қайтади.

Демак, закот ибодати воситасида Оллоҳ таоло Ўзининг ҳар бир бандасининг ёнини олар, раҳм-шафқат қилар экан ва бу ишни Ўзйнинг бой бандалари қўли билан амалга оширар экан.

Закот ибодатшинг бошқа ибодатлардан энг асосий фарқи нимада?

— Бу ибодатнинг бошқалардан фарқи шундаки, масалан, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси ҳар бир мўъмин одам айтиши, тилида иқрор, дилида тасдиқ этиши керак бўлган калима бўлса; намоз ҳар бир мусулмон адо қилиши лозим бўлган ибодат бўлса; закот фақат бойлар учун фарз қилинган ибодатдир.

Унда мол-дунёсининг миқдори қай даражага етганда кишини бой деймиз ва ўша бой одам нималардан закот бериши керак, деган саволга жавоб берсангиз?

— Келинг, аввал саволингизнинг иккинчи қисмини кўриб чиқайлик, шунда ўз-ўзидан биринчи саволингизга жавоб бўлади.

Закот беш нарсадан берилиши фарз қилинган.

Биринчиси, тасарруфдаги чорва моллари (туя, қора-мол, қўй каби)дан; иккинчиси, олтин ва кумушдан; учинчиси, тасарруфдаги ер майдонидан топилган кон ёки хазинадан; тўртинчиси, тижорат молларидан (тижорат учун олиб қўйилган молларнинг қийматидан); бешинчиси, деҳқонлар деҳқончилик маҳсулотларидан. Мана энди юқорида саналган нарсалар қайси миқдорга етганда уларнинг соҳиблари бой деб саналади, яъни зиммаларига закот бериш масъулияти юкланади, деган саволга жавоб берамиз. Динимизда бу саволга ҳам мукаммал жавоб мавжуд.

Араб тилида "нисоб" деган сўз бор. Буни биз "бойлик чегараси" деб тушунсак тўғри бўлади. Юқорида айтилган беш нарсанинг ҳам ўзига яраша нисоби бор.

Аввало, чорвадор бойнинг закот тўлаш тартибини кўриб чиқайлик. Агар чорва моллари Оллоҳ яратган ўтлоқ-яйловда бекорга (текинга) ўтласалар, шунда чорва эгаси закот беради. Яъни, бир йилнинг ярмидан кўпроқ вақти мобайнида чорвадор бойнинг мол-қўйи яйловда текинга боқилган тақдирда, ана ўша мол-қўйдан закот берилади. Аксинча, қўлидаги юзлаган мол-қўйни ёнидан пул сарфлаб боқадиган чорвадор учун ўз чорвасидан закот бериш фарз эмас. Демак, чорваси яйловда ўтлайдиган чорвадор бой қўлидаги бешта туя учун битта қўйни, ўттизта қорамол учун бир яшарлик бир бузоқни, қирқта қўй учун битта қўйни закот қилиб кам-бағалларга бериши керак. Демак, чорвадорлар учун нисоб, бойлик чегараси бешта туя ёки ўтгизта қорамол, ёхуд қирқта қўй экан ва бу чорва бир йилнинг ярмидан кўпроқ вақти давомида яйловда текинга ўтласалар закот тўлаш масъулияти пайдо бўлар экан. Айтилганлар закот тўловчи чорвадор бойлигининг энг кам миқдори эди. Демак, бешта туядан битга қўй берилар экан, ўнта туядан иккита, ўн бешта туядан учта, йигирмата туядан тўртта қўй берилади ва лекин йигирма бешта туядан бешта қўй эмас, балки битта туя берилади. Мана шундай миқдорда чорваси бор-у, лекин уни ўз ҳамёнидан сарф қилиб боққан чорвадор бойнинг закот тўлаш тартиби бошқачароқ ва бу ҳақда кейинроқ фикр юритамиз.

Унда ҳозир олтин-кумуш эгаси бўлган кишилар ёки ўша олтин-кумушни сотиб олишга имкони бор кишиларнинг закот бериш тартиби ҳақида, қанча олтин-кумуши бор киши бой ҳисобланиши ҳақида айтиб берсангиз?

— Бу хусусдаҳам, албатта, шариатимизнинг очиқ ҳукми бор.

Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюришларича, йигирма мисқол олтини бор киши бой ҳисобланади ва шундан ярим мисқоли закот қилиб берилиши лозим. 20 мисқол ҳозирги ҳисобда 85 граммга тўғри келади. Демак, кимнинг 85 грамм олтини бўлса, шунинг қирқдан бирини камбағалларга закот тарзида бериши керак.

Кумуши борлар учун эса бойлик чегараси 200 танга (600 грамм) кумуш билан белгиланади. Қуръон нозил бўлган даврларда иқтисодий муносабатлар асосан ол-тин - кумуш билан бўлгани учун бойлик чегараси олтин-кумуш миқдори билан белгиланган эди. Бугун эса муомала асосида олтин турган пуллар борки, демак, 85 грамм олтин ёки 600 грамм кумуш сотиб олишга етадиган пулга эга бўлсак бой ҳисобланамиз ва зиммамизга закот тўлаш масъулияти юкланади. Шу ўринда имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг бир масаласини эслаб ўтишимиз жоиз. "Анфаулил-фақир", дейдилар у киши, яъни, агар 85 грамм олтиндан кўра 600 грамм кумуш арзонроқ бўлса-ю, Сизнинг жамғармангиз олтинга эмас, кумушгагина етадиган бўлса, Сиз шунда ҳам ўзингизни бой ҳисобланг-да, тезроқ закот беришнинг ҳаракатига киришинг. Кўпроқ пулли бўлишни кутиб ўтирмай, бойлик чегарасининг энг қуйи босқичига етиш биланоқ закот бериш камбағалларга фойдали, деганлар. Бойлик чегараси энг қуйи босқичининг пул билан ўлчанадиган бугунги қиймати тахминан 85 грамм олтин бўлишини айтсак, ўқувчига янада тушу-нарлироқ бўлар. 600 грамм кумуш эса балки арзонроқдир.

Закотнинг учинчи тури тасарруфдаги ер майдонидан топиб олинган кон ёки хазинадан бериладиган закотдир. Бу закотни бериш тартиби қуйидагича: ер эгаси топиб олган кони ёки хазинаси умумий қийматининг бешдан бир қисмини камбағалларга закот қилиб беради. Бу фарз. Қирқдан бири ёки йигирмадан бири эмас — бешдан бири фарз қилинган.

Навбатдаги закот тури тижорат молларидан бериладиган закотдир.

Хўш, тижоратнинг бойлик даражасини қандай ўлчаймиз? Унинг қўлида 85 грамм олтин қийматига тенг нақд Пул бўлмаса-да, шу қийматга яраша сотиш учун олиб қўйган моли бўлса, закотни ўша молдан тўлаши фарз қилинган. Бу ҳолатда закот молнинг қирқдан бир қисми миқдорида камбағалларга берилади.

Энди аввалда чала қолган чорвадорларнинг закот тўлаш тартибига қайтамиз. Чорвадор ўзининг мол-қўйини йилнинг ярмидан кўпроқ муддатда ўз ёнидан пул сарфлаб, семиртириб сотаман деб боққан бўлса, бу мол-қўйлар ҳам пул ҳисобида турган бўлади. Демак, мол-қўй эгаси закотни мол-қўйнинг саноғидан эмас, балки уларнинг пул ҳисобидаги қийматидан (қирқдан бир) беради. Яъни, бу ҳолатда чорва моллари тижорат молларига айланиб қолган бўлади.

Ва ниҳоят, деҳқончилик маҳсулотларидан тўланадиган закот. Бу закотни шариатимиз ҳукми билан ота-боболаримиз "ушр" деб атаб келганлар. Ушр арабча сўз бўлиб, ўндан бири деганидир. Ҳазрати Расулуллоҳ арпа, буғдой, хурмо ва майиз каби тўртта нарсанинг ўндан бирини закот қилиб беришни буюрганлар. Бошқа экинлардан ҳам (сабзи-пиёздан тортиб қовун-тарвузгача) имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг кўрсатмаларига биноан, ҳосилнинг ўндан бири камбағалларга закот қилиб берилади.

Биз закот берилиши лозим бўлган нарсалар ва уларнинг чегаралари ҳақида гапирдик. Шу ўринда яна бир нарсага эътибор бермоғимиз лозим.

Закот кишининг доимий эҳтиёжидан ташқари бўлган нарсалардангина берилади. Яъни кийимлар, фарзандлар учун олиб қўйилган кийимлар, яшайдиган ҳовли-жой, от-улов (машина)дан закот берилмайди. Булар ҳожати аслия — асл эҳтиёж молларидир ва шунинг учун шариатимиз булардан закот беришни талаб қилмайди. Закот юқорида санаб ўтилганлардангина фарздир.

Закот кимларга берилади ёки, аниқроғи, закотни кимлар қабул қилса тўғри бўлади?

— Закот, албатта, камбағалларга берилади. Камбағал деб эса биз суҳбатимизда айтиб ўтган бойлик чегарасига етмаганларга айтиладй. Лекин айни закот — садақотларни кимга бериш керак эканлигини Оллоҳнинг Ўзи кўрсатиб берган. Қуръони Каримда саккиз синфдаги ёки саккиз қатлам — тоифадаги кишиларнинг закот олиши айтилган. Садақалар, закотлар:

1. Фақирларга;

2. Мискинларга;

3. Закот йиғувчи кишиларга;

4. Дини Исломга ошно қилиниши керак бўлган кишиларга;

5. Қулларни озод қилиш йўлига;

6. Қарзини тўлай олмай қолган кишиларнинг қарзини тўлашга;

7. Оллоҳ йўлида;

8. Мусофирларга берилиши керак, деб саккиз синфни бизга Оллоҳнинг ўзи баён қилиб берган:

Энди ўша саккиз синфга кирувчиларни батафсил кўриб чиқайлик.

Биринчиси — фақирлар синфидир. Тасарруфларидаги мол-давлатлари бойлик чегарасига етмаганлар фақирлардир. Яъни, уларнинг ейиш-кийишига етадиган озгина маблағи бор-у, лекин жамғармасини олтин ҳисобига оладиган бўлсак, у 20 мисқол олтин ёки 200 танга (600 гр.) кумуш қийматига етмаган. Демак, бундай киши бой ҳисобланмайди. Ва у закот олса бўлаверади.

Иккинчиси — мискинлар синфи. Бу — ўзбекча "бечора" деганидир. Яъни, чораси йўқ, ҳеч нарсаси йўқ кишидир. Албатта, бундайларга закот берилади.

Учинчи синф — закот йиғувчилар. Ислом мамлакатларида давлат томонидан солиқ йиғувчилар каби алоҳида закот йиғувчилар тайинланади. Улар бойларнинг закотини йиғиб, камбағалларга бўлиб берар эканлар, шу иш учун кетган вақтларига маош оладилар. Гарчи улар ўзлари закот бера оладиган даражада бой кишилар бўлсаларда, қилган меҳнатлари эвазига уларга тўпланган закотдан бир қисмини маош сифатида бериш мумкин.

Тўртинчи синф — дини Исломга қалблари ошно қилиниши керак кишилар, дедик. Ислом дини дунёга тарқалаётган даврларда, яъни, Расулуллоҳ тарафларидан динга даъват қилинаётган пайтда, бошқа қабилалардагиларни динимизга даъват қилиш учун пайғамбаримиз уларга ҳам бойларнинг закотларидан беришни буюрганлар. Шу нарса орқали ҳам уларнинг қалбларида динимизга нисбатан

муҳаббат пайдо бўлган. Бу ҳукмни Расулуллоҳнинг вафотларидан сўнг халифа бўлиб турган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу динимиз етарли даражада ривожланди, энди бошқа диндаги кишиларни динимизга даъват қилиш мақсадида уларга закот улашиш ортиқча, деб тўхгатиб қўйганлар.

Бешинчиси — қулларни озод қилиш учун закот бериш. Тариҳдан биламизки, Қуръон нозил бўлган даврда дунёда қулдорлик тузуми ҳукм сурган эди. Ана ўша пайтда қулларни озод қилишни дини Ислом энг улуғ ибодат деб ҳисоблаган. Бойларга "Пулларингизга қул сотиб олиб озод қилиб юборинг", — деб буюрилган эди. Ҳозир қулдорлик замони бўлмагани учун бу ҳукмга, табиийки, эҳтиёж қолмаган.

Олтинчи синф — қарздорлар. Бой одам берадиган закотини қарзини тўлай олмаётган кишига берсаю, у қарзини узиб олса — Оллоҳ буюрган иш бўлади.

Еттинчи синф — фийсабилиллоҳ — яъни, Оллоҳ йўлида закот бермоқлик. Худо йўлида ўз ватанини ташлаб, молу дунёсини сарфлаб жиҳодга чиқиб кетаётган кишига закот берса бўлади, дейилган. Айрим уламолар Оллоҳнинг динига даъват килаётган толиби илмларга закот берилса Оллоҳ йўлида берилган бўлади, деб ҳам тафсир қилдилар.

Закот берилиши мумкин бўлган саккизинчи синф мусофирлардир. Мусофир ўз ватанида бой бўлса-да, сафардагилик чоғида, айтайлик, ватанига қайтиб кетиши учун маблағи етарли бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам закот бериш буюрилди.

Демак, шариатимиз назарида, фақирлар, мискинлар, қарздорлар ҳамда мусофирлар камбағалдирлар ва бойларимиз закотларини ўшаларга беришлари лозим.

Биз юқорида жуда катта саволга, эҳтимол, кези келганда овоз чиқариб сўраш қийин бўлган саволга жавоб бердик. Чунки аҳли давлат кишиларимиз қўлларидан келган эҳсонларини кимга бериш кераклигини ҳар доим ҳам билавермайдилар. Айрим ҳолларда, хато тарзда, аҳли илмларгагина едириб-кийдиришим керак, деб ўйлайдилар.

Агар аҳли илмлар — домлалар, имомлар, қори акалар камбағал кишилар, жамғармалари бойлик чегарасига етмаган кишилар бўлсалар, уларга закот бериш жуда савобли иш ва қабул қилган закотлари уларга ҳалолдир. Аммо ўша аҳли илмлар ўзлари бой, закот беришга қодир одамлар бўлсалар, у ҳолда закот олишни тўхтатишлари керак, чунки энди улар қабул қилган закот ҳаром бўлади.

Демак, такрор айтамизки, закот камбағалларга, улар аҳли илмми ёки аҳли илм эмасми, бундан қатъи назар камбағалларга берилиши керак.

Устоз, закот ҳақидаги суҳбатимиз мукаммал бўлиши учун, уни кимларга бермаслик керак, деган саволга ҳам батафсил жавоб қилсангиз...

— Биринчидан, бойлар бировларнинг закотини олмасликлари кераклиги аниқ гап, чунки улар ўзлари закот берувчилардир. Иккинчидан, закотни ғайридинларга бериб бўлмайди, яъни бошқа диндагиларга, кофирларга, динсизларга бойлар закотидан беришлари мумкин эмас.

Учинчидан, закотни ўзимизнинг аслимиз бўлган ота-боболаримизга ва ўзимизнинг наслимиз бўлган фарзандларимизга ҳам берсак бўлмайди. Чунки бой бўлган кишилар ота-оналари ва фарзандларига закотдан ташқари ҳам яхшиликлар қилишлари керак. Бу уларнинг зиммасидаги бурчдир. Бошка қариндошларга эса закот берса бўлаверади. "

Қолаверса, аввало закотни ўз қариндошларимиз (ота-она ва фарзандларимиз бундан мустасно) орасидаги фақирлар, мискинларга беришимиз дуруст. Чунки ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мискинга садақа бериш бир садақа бўлиб, савобга эга бўлади, аммо қариндош-уруққа берилган садақадан иккита савоб ҳосил бўлади", дейдилар.

Агар қариндошларимиз закот олувчилар бўлмаса ёхуд улардан ортса-чи?

У ҳолда қариндош бўлмаган мусулмон биродарларимиз орасидан фақир-мискинларни излашимиз керак. Мана шу тартибга риоя қилинса, яъни ҳозирги қийинчилик даврида ҳар ким ўз қариндош-уруғини, мусулмон биродарларйни қўлласа бугунги таранг вазият анча юмшаган бўлар эди.

Дарвоқе, эр ўз хотинига ҳамда хотин ўз эрига закот берса бўлмайди. Чунки хотиннинг нафақаси эрнинг зиммасидаги бевосита масъулиятдир. Закот бериш тартибини шарҳлар эканлар, уламоларимиз закотни ўз маҳаллангиз, ўз қишлоғингизга беринг, ўз қишлоғингизда камбағаллар туриб, закотни ўзга юртга олиб бориб бериш кароҳиятли, макруҳ ишдир, дейдилар. Лекин шу ерда ҳам истисно бор: ўзга қишлоқда камбағал қариндошингиз бўлса, унга закот берса бўлаверади.

Шундай қилиб, закот ибодати шариатимизнинг инсонпарвар шариат эканлигига, унинг мусулмонлар ўртасидаги бирликни таъминлайдиган шариат эканлигига далолат бўладиган ибодат экан.

Кези келганда яна бир жиҳатни айтиб қўйишимиз лозим. Закот берган одам закот олган одамга миннат қилиб, менинг садақотим билан яшаб юрибсан, деган таъналарга ўтса, у қилган ибодатини беҳуда кеткизган бўлади. Балки Оллоҳ берган молу давлатнинг бир қисмини Оллоҳ йўлида закот қилиб берган киши закотни Оллоҳга берган бўлади. Яъни, Оллоҳ буюрган ишни қилган бўлади. Демак, Сиздан бир камбағал биродарингиз закотингизни олса, бунинг учун Сиз унга миннатдорчилик билдиришингиз лозим. "Менинг Оллоҳ олдидаги бир ибодатимни адо қилиб олишимга сен сабабчи бўлдинг, шунинг учун сенга раҳмат", дейишингиз керак. Ўз навбатида, қўли қисқа биродарларимиз закот олишдан ийманишлари керак эмаски, улар бир бадавлат биродарига Худо буюрган ишни адо қилиб олиш учун сабабчи бўлмоқдалар.

Аммо бой-бадавлат бўлатуриб, ота-боболаримиз айтганларидек, "қўлнинг кири" бўлган пулга суяниб қолиб, бахиллик қилиб, камбағалларга закот улашмаган кишилар ҳақида Қуръони Каримда:

"Оллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларни (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару ер мерос бўлиб Оллоҳга қолур. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир" (Оли-Имрон—180), дейилади.

Навбатдаги оятда эса:

"У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: "Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб — босган нарсаларин-гизни мазасини тотиб кўринглар" (дейилур). (Тавба — 35).

Мана шундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун Худои таоло берган, ҳалолдан топган давлатимизни янада поклаб олишимиз учун камбағал, қўли қисқа биродарларимизга имкон кадар ёрдам қўлимизни чўзсак — Оллоҳ рози бўладиган ва жамиятимизда иттифоқлик қарор топадиган ишни қилган бўламиз, иншооллоҳ.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:15:14
РЎЗА

Ассалому алайкум, устоз! Берган ваъдангизга кўра бугун энди рўза ибодати ҳақидаги суҳбатингизни тингламоқчимиз...

— Аввало мунаввар рамазон ойи ҳақида айтиб ўтсак. Бу ой Оллоҳ таоло наздида энг улуғ ойдир. Ҳақ таолонинг Ўзи бу ҳақда муқаддас каломи орқали биддирган. Рамазон ойининг улуғлиги шундаки, айнан шу ойда Қуръони Карим нозил бўлади. Оллоҳ таоло Ўз Китобида марҳамат қилади:

"Рамазон ойи шундай ойдирки, унда Қуръон нозил бўлган. Қуръон нозил қилиниб, Осмондан Ерга туширилган ой. Бу Қуръон одамлар учун ҳидоят бўлиб, яъни йўлбошчи бўлиб, маёқ бўлиб, тўғри йўлни кўрсатувчи раҳбар бўлиб нозил бўлган. Ва мана шу ҳидоятни, ҳақ билан ботилни ажратишликнинг баёноти бўлиб нозил бўлган. Сизлардан қайси бирингиз мана шу ойга гувоҳ бўлса, ҳозир бўлса, мана шу ойнинг Рўзасини тутсин!" (Бақара —184).

Ҳақиқатан ҳам, Осмоннинг Ер билан туташуви, Инсоният ўзини ҳаёти учун тўғридан-тўғри Оллоҳдан кўрсатма олиши, демакки, бутун олам жаҳолат зулматларидан, нодонликдан, динсизлик иллатларидан Иймон нурига чиқиши мана шу Қуръон билан, Оллоҳнинг кўрсатмаси билан бўлган экан, шундай улуғ кўрсатма нозил бўлган ой, албатта, шарафли, улуғ ойдир. Чунки Худои таоло бандалари учун берган, энг катта инъоми бўлган, Иймон ва Дин деган неъматнинг асоси бўлган Қуръон шу ойда нозил бўлган.

Ҳақиқатан, Қуръоннинг нозил бўлиши Башариятнинг ҳайвонот даражасидан Инсоният мақомига чиқишига кафолат бўладиган, то Қиёмат адашмай, тўғри йўлда кетадиган инсон бўлиши учун кафолат бўладиган Оллоҳнинг неъматидир.

Яна шу оятнинг тафсири ўлароқ, Расулуллоҳнинг бир муборак ҳадислари бор: "Рамазон келганида Жаннат дарвозалари очилур"... Жаннат дарвозалари чиндан ҳам рамазонда очилди, чунки рамазонда Қуръон нозил бўлди ва Қуръонга амал килган, Унга иймон келтирган одамлар учун Жаннат ваъда қилинди. Демак, Жаннатнинг дарво-заси аввало Қуръондир, Исломдир.

Мазкур ойнинг улуғлиги яна шундаки, бу ойда минг ойдан яхшироқ бир кеча бор. Бу Қадр кечаси. Оллоҳ таоло Ўз Қуръонида бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил қилган ва бу кечани Оллоҳ таоло рози бўладиган ҳолда ибодатлар билан ўтказган кишилар учун бериладиган савоблар минг ойлик ибодат билан топилмайдиган савоблар экани ҳакида хабар берган. Қадр кечаси тўғрисида кейинроқ яна тўхталамиз.

Рамазон ойида рўза тутинглар, деди Оллоҳимиз:

"Мана шу ойда ҳозир бўлган, шу ойга гувоҳ бўлганларингиз рўзатутсин". Бу Яратганнинг амри, фармони бўлди. Мана шу фармонга асосан мўъмин-мусулмонман, деган ҳар бир банда рўза тутишимиз керак. Чунки, Оллоҳ бизларга ўша Нури Илоҳийни — Қуръонни нозил қилган ойнинг шукронасига бу ойни рўза билан ўтказинг, деди.

Рўза ўзи нима? Яъни, унинг асл моҳияти нимада? Бу ибодат инсонларга нима учун фарз қилинди?

— Бу ҳакда Оллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида мана бундай марҳамат қилади:

"Эй мўъминлар, иймон келтирган зотлар, сизлардан аввалги ўтганларга фарз қилиб битилгани каби, сизларга ҳам рўза тутиш битилди. Саноқли кунларда рўза ибодатини адо қилиш ёзиб — фарз қилиб қўйилди, шоядки, сизлар тақводор бўлсангизлар".

Мана, рўзадан бўлган мақсад нима эканлиги шу улуғ оятда баён қилинди.

Биринчидан, Исломгача бўлган муваққат динларда ҳам рўза ибодати буюрилгани ва сўнгги — мангу қоладиган Ислом динида ҳам рўза ибодати бор эканлиги бу оятдан маълум бўлди.

Иккинчидан, бир умр эмас, саноқли кунларгина, яъни ўн икки ойда бир ой рўза тутишимиз ҳам бу оятдан маълум бўлди.

Учинчидан, бу ойда сизларга рўзани фарз қилдик, токи тақводор бўлсангизлар, дейди Оллоҳ таоло.

Демак, рўзадан мурод — бизнинг тақвоимиз экан, Оллоҳдан қўрқишимиз, Унинг ҳар бир буйруғига итоат қилишга ўрганишимиз — мана шу мақсадлар учун Оллоҳ бизга рўза ибодатини фарз қилган. Яъни, рўза биз мусулмонлар учун бир синов, имтиҳондир. Исломдаги барча рукнлар — намоз, закот ва суҳбатимиз мавзуи — рўза имтиҳонлардир. Шу имтиҳонлардан йиқилмай ўтган бахтли бандалар бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Оллоҳнинг ризолигига эришадиган бахтли кишилар бўлар эканлар.

Оллоҳ таоло инсоният учун бутун оламларни ва оламдаги бор неъматларни яратиб, шунинг шукронасига Мени эслаб тургин деб, кунда беш маҳал тоза, таҳоратли ҳолда Ўзига сажда қилишимизни буюрди. Бу бир имтиҳон эди. Ундан ҳамма ҳам ўта олмайди. Шу ибодатни адо этаётганларнинг ҳаммалари ҳам мазкур синовнинг қадрига етолмайди.

Закот ибодати ҳам бир имтиҳондир. Ҳар биримизнинг фикримизни, кучимизни, жисмимизни ишлатиб, пешона теримиз билан топган молу дунёимиздан бир қисмини Мен учун беринг, деб имтиҳон қилади Оллоҳ таоло. Чунки бу молу дунёни Сизга Мен берганман, деб буюради.

Худди шунингдек, йилда бир ойгина Оллоҳ берган неъматлардан — ейиш-ичишдан, шаҳвоний хоҳишлардан ўз ихтиёримиз билан, Оллоҳдан савоб умид қилиб оч ва ташна юришимиз — рўза ойида кундузлари рўза тутишимиз ҳам бир илоҳий имтиҳондир. Мана бу имтиҳондан ўтиш - бизларнинг Оллоҳ ҳузурида ваъда қилинган катта неъматларга етишимизга сабаб бўлади. Бу имтиҳон шу дунёнинг ўзида ҳам инсоний ҳаёт кечиришимизга сабаб бўлади. Рўзанинг бошқа ибодатлардан фарқли яна бир жиҳати бор. Оллоҳ таоло "Рўза меники", дейди. Бу ҳолат Рўзанинг накддар улуғ ибодат эканлигига далолатдир. Бир ҳадиси муборакда Расулуллоҳ алайҳиссалом Оллоҳ таолонинг сўзларини етказганлар: "Ҳар бир яхшиликка ўн баробар мукофот бераман, то 700 баробаргача". Демак, Оллоҳ йўлида холис ихлос билан, савоб умидида, иймон билан қилинган ҳар бир катта ёхуд кичик ишимиз эвазига Оллоҳимиз бизга 10 баробардан 700 баробаргача мукофот бераман, деб ваъда беради, лекин рўза ундай эмас, дейди. Чунки рўза Мен учун бўладиган ибодат, унинг мукофотини ҳам Узим бераман, дейди. Қандай мукофот беришни ҳам Ўзим биламан, дейди. Бу Илоҳий фикрни шундай тушунишимиз мумкинки, рўза инсон адо этаётган ибодатлар орасида ёлғиз ибодат қилгувчи билан Оллоҳ ўртасидаги бир сирдир. Бошқа ибодатлар — намоз ўқиганингизда, закот берганингизда, ҳажга борганингизда гувоҳлар бўлиши мумкин, лекин рўза тутганингизни ўзингиз айтмагунингизча биров билмайди. Рўза ички ибодатдир. Шунинг учун бу ибодатга риё аралашмайди. "Мен учун қилинади бу ибодат, шу сабабли рўзанинг мукофотини ўзим бераман, — дейди Оллоҳ таоло. — Яъни 700 баробар ҳам камлик қилади. Бунинг миқдорини сизлар билмайсизлар, ёлғиз Ўзим биламан", дейди меҳрибон Оллоҳимиз.

Бир ҳадиси муборакда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Рўза сабрнинг ярмидир", дедилар. Бошқа бир ҳадисда: "Сабр иймоннинг ярмидир", дедилар. Демак, рўза — иймоннинг тўртдан бири экан. Мўъмин-мусулмон эканлигимизга, иймонли эканлигимизга тутган рўзамиз ҳам далолат бўлар экан.

Дарҳақиқат, "Сабр иймоннинг ярми" экан, иймонли киши учун сабр қилмоқлик энг асосий вазифалардан бўлади. Масалан, иймонли киши бутун динсизларнинг хуружларига, бу дунёдаги адолатсизликларнингҳаммасига Оллоҳ йўлида сабр қила олади. Иймонли киши ўзи севган Оллоҳнинг дийдорига етиш учун Қиёматгача сабр қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг дийдорига муяссар бўлмоқ бу дунёда бериладиган неъмат эмас. Оллоҳ ваъда қилган Жаннатга етиш учун ҳам сабр қиламиз. Демак, иймонимиз сабр билан. Бесабрлар ҳозирнинг ҳузурини ўйлайдилар ва шунга суянадилар. Мўъмин одам Охиратга ишонади ва Охиратдаги неъматларга, энг катта мукофот бўлган Оллоҳнинг дийдорига сабр билан етади. Шу сабрни бизга ўргатадиган ибодат рўзадир. Тирик жоннинг табиий эҳтиёжлари бўла туриб, Оллоҳ йўлида ейиш-ичишдан, шаҳвоний хоҳишдан, умуман, нафсоний ҳар қандай истаклардан кечгача тийилиб сабр қилмоғи иймоннинг бир белгиси экан.

Рўза тонгдан шомгача очюриш билангина белгиланадими? Ёки рўзадор бошқа тарафларга ҳам жавоб бериши керакми?

— Ибодатимизнинг комил бўлиши учун бу саволнинг ҳам жавобини билишимиз керак. Рўза ибодати инсонларни тарбиялаш воситаси эканлигини айтдик. Демак, бизларнинг факат оч-ташна юришимизга Оллоҳ муҳтож эмас. Балки иймон билан, Худонинг буйруғи деб қабул қилиб савоб умидида шу ибодатни адо қилсаккина тутган рўзамиз қабул бўлади. Бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Рўзадорман, деб рўза тутиб юрганлардан қанчалари борки, уларга тутган рўзаларидан очлик, ташналик қолади, холос", дейдилар. Демак, рўза — фақат очлик ва ташналикда юриш дегани эмас экан. Ёки яна бир ҳадисларида: "Қайси бир одам рўза тутса-ю, аммо ёлғон сўздан тийилмаса, гуноҳ ишлардан тийилмаса, бу одамнинг ейиш-ичишни тарк қилишига Оллоҳ муҳтож эмас", деганлар. Шу ҳакда Оллоҳнинг "Рўза қалқондир", деган калимаси бор. Бу рўза инсонни бу дунёда гуноҳлардан сақлайдиган ва Охиратда дўзах азобидан сақлайдиган қалқондир.

Энди юқоридаги ҳадиснинг давомига эътибор беринг: "Рўза қалқон экан, ўша кишини дунё ва Охиратдаги ёмонликлардан сақловчи қалқон бўлган рўза ибодатини адо этувчи рўзадор беҳуда, хунук сўзлар сўзламасин, жоҳиллик қилма-син, яъни бировларга озор берадиган сўзларни айтмасин, агар унинг ўзига бировлар озор берадиган бўлса, ўшанда ҳам сабр қилсин, фақат ўшандай бадхулқ кишиларга "Мен рўзадорман", деб икки бор қайтариб қўйсин. "Яъни, сен билан бундай муомала қилишга менинг ҳақим йўқ, чунки мен рўза ибодатини адо этаётган одамман", десин".

Демак, рўзадор одам, гўё намозда тургандек, ўзининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи, инсонлар билан бўладиган муомапаларида ибодат устида эканлигини унутмаслиги керак.

Рўза тутса-ю, кишиларга озор берса, ёлғон гапирса, бировларни ғийбат қилса ёки рўза тутса-ю, масалан, тижорат пайтида одам алдаса, бундай инсон рўза тутган ҳисобланмайди, албатта. Чунки рўза инсонни покликка етаклайдиган ибодат экан, ибодат устидаги одам нопок бўлса, бундай кишининг тутган рўзаси Оллоҳ ҳузурида қабул этилмайди. Бу ҳақда кўп хабарлар Расулуллоҳ томонидан бизга етиб келган.

Ўша хабарлардан бири мана бу: Икки рўзадор аёл кун ярмидан оққандаёқ ҳеч сабр қилолмасдан, яъни рўзани ифторгача тута олишларига кўзлари етмай, Расулуллоҳга одам юборибдилар. "Биз оғриб қолдик, жуда оғир ҳолатдамиз, рўзани очишга ижозат берсинлар", деб илтимос қилишибди. Буларнинг мана шундай ҳолатга тушиб қолишларига ўзлари сабабчи эканликлари Пайғамбар алайҳис-саломга Оллоҳ таоло томонидан маълум бўлган эди. Оллоҳнинг ваҳийси билан Расулуллоҳ алайҳиссалом бу икки аёлга бир косани юбордилар ва оғизларига олганларини қайтаришни буюрдилар. Иккала аёл қайт қилдилар. Шунда уларнинг оғизларидан қон ва гўшт парчалари чиқди. Пайғамбар алайҳиссалом шунда: "Мана сизларни нима касал қилган. Рўза тутиб, Оллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишдан ўзингизни тийдингиз-у, лекин Оллоҳ ҳаром қилган нарса билан — бировларни ғийбат қилиш билан машғул бўлдингиз. Оғизларингиздан чиққан гўшт парчалари ва қон ўша сизлар ғийбат қилган кишининг гўшти ва қонидир, сизлар рўзадор эмассизлар", дедилар.

Демак, тутган рўзамиз қабул бўлиши учун зиммамизга ўзига яраша қатор шартлар юкланар экан.

Рўза оддий парҳез эмас. У касал одамнинг соғайиши ёхуд семиз одамнинг озиши учун тутилмайди. Бундай ниятлар билан тутилган рўза — рўза эмас, балки шунчаки бир муолажадир. Рўза Оллоҳ таолонинг розилиги учун тутилсагина ибодат ҳисобига ўтади.

Рўза ейиш-ичишдан ўзини тийиш, ёмон сўзларни айтмаслик, бировнинг дилини оғритмаслик билангина белгиланмайди. Балки рўзадорнинг кўзи ҳам ёмон нарсаларга тушмасин, Қуръон ўқисин, Оллоҳ ижозат берган нарсаларгагина қарасин, унинг қулоғи ҳам ҳаром нарсаларни эшитишдан сақлансин. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Ғийбат қилувчи билан ғийбат эшитувчининг гуноҳи баробар", деганлар.

Рўзанинг яна бир ҳикмати бор. Бу ибодат кишининг бир йил давомида ишлаб келган ички аъзоларининг бир ой дам олишлари учун ҳам буюрилган. Биз бунга кўпинча эътибор бермаймиз. Демак, рўза тутаётган одам саҳарликда ҳамда, ифторда рўза тутгани баҳона одатдагидан кўра кўпроқ овқат ер экан, бу ҳам унинг рўзасига кароҳият етказади. Яъни, инсон Оллоҳ учун рўза тутар экан, рўза тутмаган кунлардаги каби, балки ундан-да озроқ таом еса, тўғри бўлади. Баъзилар орасида рўза пайтида дастурхонга қанча кўп нозу неъмат қўйилса, шунча савоб бўлади, деган бемаъни гап юради. Бу, албатта, мутлақо нотўғри қарашдир.

"Расулуллоҳнинг тутадиган рўзалари олдида еган таомни қўрсангиз у киши мутлақо рўза тутмайди, дер эдингиз, — дейдилар Ойша онамиз. — Ифторда еган таомини қўрсангиз, яна у киши рўза тутмаганми, деб ўйлар эдингиз".

Мана шу ҳадисдан бизларга маълум бўладики, тушлик қилмайман деб, саҳарликда тушлик ҳисобига ейиш, ифторда ҳам тушлик ҳисобига ейиш — бу рўза тутиш эмас, балки бир ой давомида ўзини яхшилаб парвариш қилиш бўлиб қолади.

Демак, ўзимизнинг турли хоҳиш-истакларимизни бир қадар камайтирган ҳолда саҳарлик ва ифторлик килсак, рўза-мизнинг Оллоҳ олдида қабул бўлишига сабаб бўлар экан.

Рўзадор билиб қўйиши лозим бўлган яна бир иш бор. Ифтор қилиб олгандан сўнг, мен рўза тутдим, деб хотир-жам бўлмасдан, менинг гуноҳларим ювилди деган даъволарга ўтмасдан, балки Оллоҳ ибодатимни қабул қилсин, деб кечаларни ҳам ибодат билан ўтказиш рўзадорга ярашадиган ишдир. Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Шунинг учун ҳам Рамазони Шарифда таровиҳ намози суннат бўлиб қолган, яъни, одатда ўқиладиган хуфтон намозига яна 20 ракат қўшилиб ўқилади. Демак, рамазон ойида, имкон қадар кечаларни бедорлик билан ўтказишимиз рўзамизнинг ҳусни қабул бўлишига сабаб бўлар экан.

Энди кимлар рўза тутишдан озод қилиниши ҳақида тўхталсангиз...

— Қуръони Каримда Оллоҳ таоло марҳамат қилади:

"Рўзани тутолмайдиган кишилар бир мискинга фидя берсинлар". Яъни, руза ибодати ҳамма учун эмас, балки уни тута оладиган кишиларгагина фарз қилинди. Рўза тутишга қодир бўлмаган синфлар ҳам борки, улардан рўза соқит бўлади. Мусулмонларнинг орасидаги қари-қартанглар ("шайхи фоний"лар дейилади арабларда), яъни нафақа ёшидагиларнинг орасида рўза тутишга қийналадиган, оч юришга табиблар томонидан рухсат берилмайдиган касаллари бор бўлган кишилар агар шу рўза кунларида рўза тутишга қодир бўлмасалар, бир бечорага бир кунлик таомни ҳадя қилсинлар, шунда улар ҳам рўза тутганлик савобига эга бўладилар, дейилди. Демак, бундан қари одамлар рўза тутиш ўрнига фидя берса бўлади, деган мазмун чиқади.

Мана шу ўринда бир нарсага эътибор беришимиз лозим. Бизларда узоқ йиллар "намозхон" деганда қариялар ва "масжид" деганда эса фақат нафақа ёшидаги кишилар йиғилиб намоз ўқийдиган бино тушунилган. Буларнинг , ҳаммаси динимизнинг моҳиятидан бехабар кишиларнинг уқтиришлари ва балки динимиз душманларининг гапларидир. Аслида, балоғат ёшига етишимиз биланоқ дин зим-мамизга вазифаларни юклайди. Кексайганимизда эса, ҳозиргина айтганимиздек, бу вазифалардан баъзилари зиммамиздан олиб қўйилиши ҳам мумкин. Демак, дини-миздаги барча ибодатларни бизлар куч-қувватга тўлиқ ёшимизда адо этиб олишимиз лозим экан. Ешлигимизда, яъни баъзи бир гуноҳ ишларни қилишга майл ҳам, имкониятимиз ҳам бор пайтда Худодан қўрққанимиз учун савобли йўлни танлашимиз ҳам ибодат бўлади. Қариб, гуноҳ қилишга қодир бўлмаган ҳолатдагана тавба-тазарру қилиш эмас, балки дунёга берилиб кетиш хавфи бўлган ёшлик йилларида, балоғат ёшида ҳам гуноҳдан юз ўгириб, Оллоҳ учун ибодат қилмоқлик ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

Нафақа ёши 60-55 ёшдан белгиланади. Шу ёшга етмаганлар орасида рўза тутишга имкон бермайдиган хасталикка гарифтор бўлганлар (қўли ёки оёғи оғриганлар бундай касаллар сирасига кирмайди), яъни айни ички аъзолари, масалан, ошқозони оғриганлар, умуман овқат емаганлиги ёхуд сув ичмаганлиги туфайли ётиб қолиши мумкин бўлганлар ҳам рўзадан озод қилинадилар. Лекин вақтинча озод қилинадилар, холос. Яъни, бундайлар агар рамазон ойида касал бўлиб қолиб рўза тутишга қодир бўлмасалар, соғайганларидан сўнг тутиб берадилар.

Шунингдек, мусофирлар ҳам рамазон рўзасини тутишдан озод қилинадилар. Яъни, рамазон ойида сафарга чиққан кишилар сафар чоғида рўза тутиш масъулиятидан озод бўладилар, лекин сафардан сўнг қазо бўлган рўзаларини тутиб берадйлар.

Дарҳақиқат рамазони шарифда адо этиладиган рўза ибодати - биз мўъмин-мусулмонларнинг катта бахтимиздир. Ички аъзоларимизнигана эмас, балки қалбимизни ҳам поклаб оладиган ойдир бу ой. Бу ойда рўза тутиш насиб қилган бахтли кишилар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваъдалари билан бутун ўтган гуноҳларидан, агар Оллоҳ уларнинг рўзаларини қабул қилса, холи бўладилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи васаллам мархамат қилдилар: "Рўза туггувчи учун икки шоддик бор. У оч, ташна ҳолда кун ўтказиб, қуёш ботгандан сўнг кайфияти чоғ бўлиб ифтор қилади, Оллоҳга шукроналар айтади. Бу биринчи шод-ликдир. Аммо иккинчи бир шодлик бор рўзадор учун. У Қиёмат Куни Парвардигорига рўбарў бўлгандаги шодлиқдир".

Мана шу буюк шодликлар барчамизга насиб этсин.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:15:32
ҲАЖ

Муҳтарам устоз, Сиз бундан аввалги суҳбатларингизда дини Исломнинг асосий устунлари бўлмиш "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимасини сидқидил билан айтиб иймон келтиришни, намозни адо этишни, рамазон рўзасини тутишни ва бойларнинг камбағалларга закот беришини Оллоҳ таоло мусулмонлар зиммасига вазифа қилиб қўйганлиги тўғрисида батафсил айтиб бердингиз. Энди навбат табиий равишда бешинчи фарз — ҳаж ибодатига келди. Аввало, ҳаж сафарини адо этиш нима учун фарз амаллар қаторига қўшилганини тушунтириб берсангиз...

— Бунинг сабабини шундай тушунмоқ керак: киши аввало "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" деб иймон келтириш билан мўъминлар қаторига қўшилар экан, Оллоҳ таоло унинг зиммасига фақат бадани билан, қуввати билан адо қиладиган намоз ибодатини қўяди. Кейин рўза тутишга қуввати етадиган, яъни саломатлиги кифоя киладиган барча мўъмин-мусулмонлар учун иккинчи фарз қилиб рўза ибодати буюрилди. Бу ҳам бадан ибодатидир. Кейинги фарз — закот ибодати. Бу эса фақат бойларнинг зиммасидаги молиявий ибодат.

Демак, киши бу ибодатларни адо қилиш билан ўзида бир чиниқиш, тозариш ҳис қилгандан кейин энди Оллоҳ таоло қодир бўлганларингиз Менинг Уйимга келиб кўриб, тавоф қилиб ва унинг ёнидаги Арафот тоғига чиқиб, дуолар қилиб кетасизлар, деб буюради. Лекин бу ибодат ҳамма бой-бадавлат кишиларга ҳам фарз эмас. Масалан, киши бой бўлса-ю, лекин саломатлиги узоқ сафарни кўгара олмаса унга ҳаж фарз эмас, ёки саломатлиги ҳам яхши бўлса-ю, йўллар очиқ бўлмаса, бу ҳолатда ҳам ҳаж фарз бўлмайди. Ҳаж сафарини (ибодатини) адо этишга қодир бўлиш деганда, демак, йўлларнинг очиқ ва бехатар бўлиши ҳамда боргувчининг саломатлиги тушунилар экан.

Нима учун айнан Байтуллоҳни зиёрат қилиш фарз қилинган?

— Маккаи Мукарраманинг марказида, нафақат Макканинг, балки бутун Ер сайёрасининг марказида жойлашган Каъбатуллоҳни Оллоҳ таоло бандалар учун Ўзининг илк пайғамбари — ҳазрати Одам алайҳиссаломга буюриб қурдиргандир. Бу ҳақда Оллоҳнинг Ўзи Қуръони Каримда:

"Инсонлар учун ибодат қилсинлар деб бино қилинган биринчи бино Маккадаги бинодир — Каъбадир", деб хабар беради. Маккатуллоҳни баракотли шаҳар, муборак шаҳар деб атайди ва бутун оламлар учун ҳидоят маёғи деб шарафлайди. Демак, Каъбатуллоҳни Одам алайҳиссалом қурган, унда ибодат қилган, зурриётлари ҳам мана шу уйда ибодат қилган. Сўнгра Нуҳ пайғамбар даври келди. Тўфон балоси бўлди. Бутун олам сув остида қолди. Ўшанда Байтуллоҳ Оллоҳнинг амри билан осмонга фаришталар орқали кўтариб олиб чиқиб кетилган экан. Каъбатуллоҳнинг тепасида — осмонда Оллоҳнинг амри билан малоикалар олиб чиқиб кетган байт бор, бу байтул маъмурдир. Яъни, Обод Уйдир. Ободлиги шундаки, Нуҳ алайҳиссалом даврида осмонга олиб чиқиб кетилганидан буён шу кунгача бу уйни малоикалар тавоф қилиб турадилар. Кунда 70 минг малоика тавоф қилиб чиқар экан бу уйни. Ҳали бир фаришта икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Чунки Оллоҳнинг лашкари бўлган фаришталарнинг саноғи шу қадар кўпки, уларнинг ҳисобини ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.

Кейинроқ, ўша осмонга олиб чиқиб кетилган Уйнинг ўрнига Оллоҳнинг амри билан ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бизлар тавоф қиладиган Каъбатуллоҳни бино қилганлар. Бу ҳақда ҳам Оллоҳнинг Ўзи Қуръони Каримда:

"(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб (унга шундай деган эдик): "Сен менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф қилгувчилар, қиём, яъни, намозда тик ғоз тургувчилар, рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!" дейди. Шун-дай қилиб, бу Уйни ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда бино қилдилар. Қарийб 3500 йиллик тарихга эга бўлган Байтуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом давридан буён бир кун ҳам холи қол-майди. Мусулмонлар бу жойга ҳидоят излаб, Оллоҳ буюрган фарз — ҳажни адо этиш учун бориб турадилар. Бу уйнинг ўзига тортадиган мислсиз оҳанрабоси, жозибаси бор. Борганлар кўрганлар, борадиганлар, иншооллоҳ, кўрарлар.

Оддийгина қора тошлардан бино қилинган, мутлақо зеби-зийнати бўлмаган бу бир содда уй нимаси билан бутун инсониятни ўзига жалб қилади? Нима учун шоҳу гадо интилади ўша уй томонга? Нима учун имкони борки м-сулмон — ҳаммаси ўша тарафга бормоқчи бўлади? Чунки Оллоҳ таолонинг Ўзи бу Уйни азиз, муборак қилиб қўйган. Худои таоло Иброҳим алайҳиссаломга шу уйни қуриб бит-казганларидан кейин, энди одамларга жар солинг, деб буюрган экан. Қуръони Каримда:

"Энди, Иброҳим, одамлар орасида келиб ибодат қилиш зарурлигини айтиб жар солинг. Шунда бу Байтуллоҳга яёв ҳолларида ва узоқ-узоқ йўллардан, сўқмоқлардан, ориқ туяларга минган ҳолларида ҳамма тарафдан Байтуллоҳнинг зиёратига одамлар келадилар", дейди Оллоҳ таоло. Оллоҳнинг шу бир оғиз сўзи ҳақ эканлигини борган одам ўз кўзлари билан кўради. "Одамлар келади", дейди Парвардигор ва одамлар ҳақиқатан борадилар. Шунинг учун ҳам Осмондан ўт пуркалганига, оёқ тагидаги тошлар ҳам ёнаётганига қарамай ҳамма интилади ўша томонга.

Ана ўша эски Уйнинг — Қора уйнинг ободлигини дунёдаги бошқа биронта "Оқ уй" кўрган эмас, "Сариқ уй"лар кўрган эмас. Чунки уларни Оллоҳ эмас, унинг гуноҳкор бандалари қурдирган.

Байтуллоҳ эса то Қиёмат бузилмайдиган, то Қиёмат бутун Ернинг маркази бўлиб турадиган жойдир. Мана шу муқаддас Уйни зиёрат қилишни Оллоҳ бизга буюрди.

Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳаж — бу қурол-яроқсиз бориладиган жиҳоддир", деганлар. У ерга Худога бандалик қилиш шарафига эга кишилар, мўъмин-мусулмонлар Оллоҳ йўлида борадилар.

Намоз ўқишнинг ўзига яраша шартлари борлигини биласиз. Намоз пок либосда, пок жойда, Қиблага юзланиб ўқилгандек, ҳаж ибодатини адо этишнинг ҳам ўз шартлари бор. Ҳажга борганлар бутун дунёдан кечиб, топган молу давлатидан, бола-чақаларидан, ҳатто ватанларидан кўнгилни узиб, Ёлғиз Оллоҳга қасд қилиб боришлари керак. Ҳажга борадиган киши хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин, ўзининг кундалик кийимларини ечиб, уларнинг ўрнига иккита кафанлик деса бўладиган эҳромга, яъни бир лунгию елкага ташлаб олинадиган иккинчи матога ўралган, бош яланг ҳолларида Оллоҳнинг чақириғига лаббай, деб жавоб бериб чиқадилар. Демак, инсон бу улуғ ибодатни адо қилиш учун суратда ҳам бошқа ибодатлардан фарқли шартларга амал қилиши керак.

Устоз, кейинги йилларда сиёсатнинг ўзгариши туфайли ҳаж сафарини адо қилиш учун жуда кенг имкониятлар пайдо бўлди. Бу яхши, албатта. Лекин, сафарга отланганлар орасида онда-сонда бўлса-да, мазкур ибодатни адо қилишнинг тартиби тўғрисида муайян тасаввури бўлмаганлар ҳали учраб турибди...

Биз бу ўринда ҳаж ибодатининг қай тарзда адо қилиниши суратларига кўп тўхталмасак. Ҳажга борганлар ибодат давомида уларни ўрганиб борадилар. Саволингиздан келиб чиққан ҳажнинг ҳикматлари ва ҳожининг зиммасидаги вазифалар ҳақида гаплашсак.

Ҳажга борушш киши аввало ўзининг ўтмишда қилган хатолари учун Оллоҳга тавба қилиши лозим. Чунки ҳаж — Оллоҳнинг Уйига меҳмон бўлиб боришдир. Бахтли инсонни Оллоҳ Ўз Уйига чорлар экан, у суратида ҳалигидай эҳромга ўралиб боришидан ташқари, вужудида, қалбида ҳам тозаланиб, покланиб, ўша Уйнинг остонасига дадил қадам боса оладиган бўлипш керак.

Ҳажга отланган кишининг зиммасидаги иккинчи вазифа — агар бўлса, қарзлардан қутулиб олишдир, ҳисоб-китоб қилиб олишдир.

Ҳажга боргувчи бировларга озор бериб қўйган, бировларни ғийбат қилиб қўйган бўлса, улардан узр сўраши, ўзидан рози қилиб қўйиши лозим. Шу маънода ҳам "ҳисоб-китоб" қилиб олиш керак. Демак, ортда қолаётган кишиларни рози қилиб кетиш ҳажга боргувчининг вазифаларидан экан.

Ҳажга отланган инсон ҳаж ибодати давомида ўзи муҳтож бўладиган молиявий ва бошқа ташвишларини бекаму кўст қилиб олиши зарурдир. Акс ҳолда, бировларга "юк" бўлиб қолади.

Ҳажга боргувчилар кузатиб қолгувчилардан дуо олиб кетишлари кераклигини ҳам қўшиб қўямиз шу ўринда.

Ҳажга бориш Оллоҳнинг Уйига меҳмонга боришдир, дедик. Лекин бу меҳмонга ҳеч қандай ясан-тусансиз бораётган эканмиз, фақат дилимизни поклаб, ростлаб боришимиз керак. Сафар асносида сизга ҳамроҳ кишилар ҳам Оллоҳнинг Уйига кетаётган кишилар эканлигини унутмаслигингиз керак. Ўша инсонлар билан бир тан, бир жон бўлиб, ҳурмат билан, бир-бирларига одоб билан муомалада бўлмоқлик ҳар бир ҳожининг муҳим вазифасидир. Мана шу ўринда ҳам, кўпинча сафар машаққатлари билан чарчашлари натижасида бу улуғ ибодатни бузиб қўйиш хавфини туғдирадиган ишларга қўл уриб қўядилар. Ҳажимизнинг Оллоҳ олдида қабул бўлиши учун муҳим омиллардан бири муомалаларимизнинг дўстона бўлиши, сафаримиз ниҳоятда одоб билан ўтишидир.

Жаноб Расулуллоҳ: "Кимда-ким ҳаж ибодатига борса, шу ибодат давомида оғзидан беҳаё сўзлар чиқмаса, ҳаж асносида қилиш мумкин бўлмаган ишларга қўл урмаса ва Оллоҳ буюрган ибодатлардан исён қилиб бўйин товламаса, итоат билан ҳаж қилиб кетган бўлса, мана шу инсон уйига қайтар экан, онадан янги туғилган чақалоқдай бегуноҳ бўлиб қайтади", дейдилар. Яъни ҳаж қабул бўлади — гуноҳлар ювилади. Бунинг учун ҳожи нафақат одамларга, балки ҳашаротларга ҳам озор бермаслиги, ҳатто ўт-ўланни ҳам бесабаб юлмаслиги керак. Шу қадар беозорлик билан ҳаж сафарини адо қилмоқлик шариатимизнинг буйруғидир.

Мана шундай тарзда Оллоҳ насиб этган ҳожилар Оллоҳнинг Уйига кириб борадилар. Бу Уйга кириш насиб бўлган кишилар Оллоҳнинг энг бахтли бандаларидир. Бу Уйга борадиган, бу Уйга қўшни бўлиб турадиган кишилар Оллоҳнинг қўшнилари, деб ҳисобланадилар. Оллоҳнинг раҳматига етганлари шудир. Оллоҳ таоло қўшниларингизга озор берманг, уларга яхшилик қилинг, деб буюрган экан, Узининг қўшниси бўлган бандасига, албатта, яхшилик қилади. Бу Уйга етган инсонлар Оллоҳдан қандай яхшилик тиласалар, ижобат бўлади.

Байтуллоҳни кўрганда инсон қалбидан ўтадиган ҳаяжон, осмонга боғланиб турадиган бу Уйга кўзингиз тушганда қалбингизда пайдо бўладиган шавқ ва шуқрона ҳиссиёти — бу энди фақат ўша муборак зиёратгоҳга борган кишилар биладиган ҳиссиётдир.

Ҳаж сафарини адо этиш пайтида ҳожи алоҳида эътибор бериши керак бўлган амаллар тўғрисида батафсил гапириб берсангиз?

Ҳаж ибодатининг фарзларидан биринчиси, эҳром боғлаш бўлса, иккинчиси, Байтуллоҳни тавоф қилишдир. Арафотдан сўнг ҳайит қунлари орасида қилинган тавоф фарз тавофи бўлади. Учинчиси, Арафотдаги вуқуфдир.

Бизнинг диёрларимиздан боргувчи ҳожилар аввал умра қиладилар. Кейин Макканинг ўзида алоҳида эҳром боғлаб ҳаж ибодати қилинади.

Умра нияти билан борган кишилар Байтуллоҳни тавоф қилишда шунчаки бир айланиб кўядиган жой экан, деб эмас, балки қаерга келиб қолганликларини тўла ҳис қилиб тавоф қилишлари лозим. Босиб юрган ерларингизга, албатта, Расулуллоҳнинг ҳам оёқлари текканини ҳис қилиб туришингиз керак. Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳам шу ерда юрганини, аввало Иброҳим алайҳиссалом шу Уйни бино қилганларини, у зотдан кейин қанча-қанча пайғамбарлар, авлиёуллоҳлар қадами етганини ва бу жойга сизнинг ҳам қадамингиз етганини тасаввур қилишингиз керак.

Байтуллоҳни қўрганда Расулуллоҳ ҳазратлари шу Маккада туғилиб, шу Байтуллоҳ атрофида катта бўлганликларини тасаввур қилишингиз керак.

Байтуллоҳни таъмирлаш чоғида Унинг четидаги Ҳажарул Асвад — Қора тошни қўйиб бериш шарафи Расулуллоҳга насиб бўлган. Ҳали пайғамбар бўлишларидан 25 йил аввал, яъни 15 ёшлик чоғларида бу кишининг ҳалол-пок, ишончли киши бўлганликлари учун ҳамма Қора тошни Муҳаммад қўйсин, деган. Шуни эслаш керак. Бу ерда қанча дўсти Худолар, авлиёуллоҳлар тавоф қилиб, йиғлаб Оллоҳнинг Уйини айланиб юрганларини эслаш керак. Шунчаки, одамларга эргашиб айланиб қўйиш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Байтуллоҳга етган инсон Уни ўзига яраша ҳурмати билан тавоф қилсагина ва шундан ўзи таъсир олсагина тавофлари Оллоҳ олдида қабул бўлади.

Ҳожиларга бир неча қун Маккада яшаш насиб бўлади. Ҳақиқий ҳаж ибодатини адо этаман, деган киши ўша кунларни ғанимат билиши керак. Тавофдан чарчамаслик, чарчадим демаслик керак. Чунки ҳаж — гуноҳларимизнинг юви-лишига сабаб бўладиган ибодатдир. Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварадаги ўзларининг масжидлари ҳақида гапириб: "Менинг мана шу масжидимда бир бор ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзал; Байтуллоҳ қаршисида ўқилган намоз менинг масжидимда ўқилган намоздан 100 баробар яхши; Каъбатуллоҳни бир бор тавоф қилиш эса Байтуллоҳ қаршисида ўқилган 100 намоздан афзал", деганлар. Демак, ҳар бир тавофдан юз минглаб намознинг савобига эга бўлаётганини ҳар бир ҳожи ҳис қилиши керак. Тавоф қилиб чарчалган дақиқаларда эса Байтуллоҳнинг рўбарўсига ўтириб Каъбани кўзларга жойлаб олиш керак. Кўнгилга жойлаб олиш керак. Намозга турган пайтингизда кўз олдингизга ўша Каъба келадиган даражада жойлаб олиш керак. Каъбатуллоҳдан ташқаридаги гавжум Макка бозорини, олди-сотдини бошқа жойдан топса бўлади. Лекин Байтуллоҳни бошқа жойдан топиб бўлмайди. Шунинг учун ҳаж арконларини бажариб бораётган кишилар мана шу жиҳатлардан ғафлатда бўлмасдан, Байтуллоҳга етиб борганларини калбан ҳис қилиб, ҳар бир соатни ғанимат билишлари керак.

Байтуллоҳни етти бор тавоф қилганларидан сўнг, ҳожилар Сафо ва Марва тепаликлари оралиғида етти марта саъй қилиб югурадилар. Ҳозирда бу тепаликлар Ҳарамнинг айвони остида туради. Сафо ва Марва тепаликлари ораси 300 метрлар чамасида. Умрага борганлар ҳам, ҳаж қилганлар ҳам Байтуллоҳни тавоф қилганларидан кейин Сафо ва Марва орасида саъй қиладилар. Бу ўша Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг аёллари Ҳожар онамизни янги туғилган чақалоқ бўлган Исмоил алайҳиссалом билан Оллоҳнинг буйруғига биноан ташлаб кетган жойларидир. Бизга Қуръон хабар беришича, Иброҳим алайҳиссалом мен зурриётимни — кўзимнинг оқу қорасини — фарзандимни ташлаб кетяпман, деб Оллоҳга нолалар қилиб ташлаб кетган эканлар. Ҳожар онамиз эса фарзандига бир қултум сув излаб ўша Сафо ва Марва орасида югурган эканлар. У ёқдан-бу ёққа югуриб-елиб бирон қултум сув тополмай, қайтиб келиб қарасалар, ўша ётган чақалоқларининг қўллари остидан бир булоқ чикиб турган экан. Бу Замзам булоғи эди. Оллоҳ таоло ана шу бандасига ва то Қиёмат ҳаж насиб килган мўъмин-мусулмон бандаларига мана шу булоқдан сероб бўлиш бахтини муяссар қилган. Ана ўша фарзанди учун сув излаган она қанчалар қийналаётган бўлса, ўша Сафо ва Марва орасида саъй қилган ҳожи ҳам шу даражада интилиш билан ҳаракат қилиши керак. Гўё Охират диёрида — бир тараф Жаннату иккинчи тараф Дўзах ўртасида аросатда қолган одамдек, ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб, қандай қилиб менга Жаннат дарвозаси очилар экан, деб югургандек югуриши буюрилган.

Мана шундай тарзда тавоф ва саъйни қилиб бўлгандан кейин, замзам суви ичилади. Бу сув тавофдан кейин ҳам, саъйдан сўнг ҳам ичилади. Замзам булоғига келганингизда сиз ўзингизнинг Оллоҳнинг Уйида эканлигингизни яна бир бор теран ҳис қиласиз. Бу — бир мўъжиза. Мезбонингиз Оллоҳ. Каъба атрофидаги Масжидул Ҳарамда бир вақтнинг ўзида беш юз минг одам йиғилади. Улар бир вақтнинг ўзида Байтуллоҳни тавоф қиладилар. Ҳожиларнинг ҳар бири тавофдан сўнг Замзам булоғидан сув ичадилар. У булоқдан алоҳида-алоҳида бир неча юз жўмрак чиқарилган, тинмай сув оқиб туради. Лекин ҳар қанча жўмрак кўп бўлмасин, тавоф қилаётганларнинг саноғига нисбатан олинса, мингта одамга битта жўмрак тўғри келади. Мўъжиза шундаки, ҳеч ким ўша жўмрак оддига бориб навбат кутиб турмайди. Ҳар бир жўмрак олдида битта ёки иккита одам сув ичиб турган бўлади, холос. Жазирама иссиқ бўлишига қарамай, одамларда бесабрлик кўрмайсиз. Ҳамма бир-бирига аввал сиз сув ичинг, деб илтифот қилади. Хўш, бунинг боиси нимада? Ўзим ҳам гувоҳи бўлган бу ҳолат мени ҳайратга солган эди. Кўп ўйлаб топган жавобим ушбу бўлди: дарвоқе, биз Оллоҳнинг Уйида меҳ-монмиз, бу сувни бизга Оллоҳ бераётган эди. Демак, ҳаммага сув етказиш У Зотнинг қўлида экан, миллионлаб кишиларни битта булоқнинг суви билан қондириб кузатиш ёлғиз Оллоҳнинг қўлидан келадиган иш экан.

Одатда бирор маросим ўтказмоқчи бўлган киши тадбирининг файзли бўлиши учун бир-бирларига муҳаббати, ҳурмати бор кишиларни таклиф қилади. Оллоҳ таоло эса бир-бирларини мутлақо танимайдиган кишиларнинг дилларига шундай муҳаббат жойлаб кўядики, ҳаж маросимининг файзи шу ерда ҳам кўринади.

Тавоф асносида, саъй асносида, сув ичиш пайтида қоқилиб тушсангиз, йиқилсангиз дарров кимдир келиб сизни йўллайди. У кишини сиз шу пайтгача кўрмагансиз ва бундан кейин ҳам кўрмайсиз. Фақат Оллоҳ уларнинг дилига муҳаббат солиб қўйганлиги туфайли бир-бирлари билан оға-инидек бўладилар.

Маълумки, ҳаж ибодати Арафот кунидан бошланади. Арафа куни, Қурбон ҳайитидан бир кун аввал Арафот тепалигида мусулмонлар ҳозир бўлиб турадилар. Бу энди ажиб бир ҳолат — нақд Қиёмат. Маълумки, ҳар йили бир неча миллион одам ҳаж қилади, шунча одам ўша Арафот тепаликларида бир вақтнинг ўзида туради. Ҳаммалари бир хил либос эҳромда. Ёнингиздаги ҳожи шоҳми ёки чўпон эканлигини билмайсиз. Инсон сифатида ҳамманинг тенг эканлиги мана шу жойда кўринади. Қиёмат Куни Оллоҳнинг амри билан Марҳумлар тирилиб, қабрларидан чиқиб Парвардигорнинг ҳузурида қандай тўплансалар, Арафотда ҳам шундай тўпланадилар. Мана шу Арафотдаги ҳолат хусусида Расулуллоҳ ҳазратлари: "Бандаларнинг бу ҳолатидан Оллоҳ таоло осмондаги фаришталарга мақтанади", дейдилар. Яъни, Оллоҳ таоло осмондаги лашкарлари бўлган малоикаларига Ўзининг амри билан "Лаббайка, Оллоҳумма лаббайк", яъни "Эй Оллоҳим, нима хизматинг бор", — деб келган ердаги инсонларни кўрсатиб айтар экан: "Эй малоикалар, кўриб қўйинглар! Сизларни мен нурдан яратганман. Сизлар мен хоҳлаган ерга нур тезлигида етиб бориш имкониятига эгасизлар. Аммо Мен тупроқдан яратган бу бандаларим дунёнинг ҳамма тарафларидан қийналиб, Менинг ризолигимни истаб келдилар. Мана бу ерда Менга қўлларини чўзиб илтижолар  қиляптилар. Инсон зотини ердаги халифам қилиб адашмаганимни билиб қўйингдар. Мен учун жонларини фидо қиладиган бандаларим бор", деб мақтанар экан фаришталарга. Ва яна: "Эй малоикалар, гувоҳ бўлинглар! Мана шу ерда Мендан умидвор бўлиб турган ҳар бир инсоннинг гуноҳларидан ўтдим", дер экан. Шу соатда астойдил Оллоҳ учун ҳаж қилган инсон, Худодан нола қилиб сўраган инсон, албатта, гуноҳларидан тозаланиб, аҳли жаннат ичига кириб қоларкан. Бунга Оллоҳ таоло Ўз фаришталарини гувоҳ қилар экан. Мана бу Арафотдаги ҳолат, уни ҳам ғанимат билиш керак. Мана шу ҳолатда инсон: "Мана, елкамдаги кафаним билан бу Қиёматга ҳозир бўлиб турибман. Аммо, Оллоҳ хоҳласа, бир имкониятим — қайтиб кетиш имкониятим бор. Демак, кейинги ҳаётимни тавба-тазарру ва яхши амаллар билан адо қилиш имкониятим бор. Бироқ, иккинчи — чинакам Қиёмат Кунида энди қайтиб кетиш имконияти менда бўлмайди", деб ўйлаб, ўзи учун тўғри хулоса чиқариб олиши лозим. Шу ердан ибрат олган бахтли инсон Арафотдан тушгандан кейин ўтмишдаги нотўғри йўлларига чек қўйиб, Ёлғиз Оллоҳнинг йўлини танлаб олади. Чунки, биринчидан, у барча гуноҳларидан хориж бўлади, иккинчидан, Қиёмат ҳолатига ўзи гувоҳ бўлади.

Мана шу ҳолатда Арафотдан тушиб, энди Муздалифа деган жойда қолиш ва эртаси — Қурбон ҳайити кунидан бошлаб шайтонга тош отиш маросими бор.

Барча маросимлар битганидан кейин эса Байтуллоҳ билан хайрлашиб, жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари бўлган Мадинаи Мунавварага борилади ва Расулуллоҳнинг масжидлари зиёрат қилинади. Бу қандай бахтки, оддий бир мусулмон инсон Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари, севикли ҳабиби Муҳаммаднинг ёнига боради. Бу Зотдан неча минг чақирим нарида яшайдиган, бу Зотдан бир минг тўрт юз йил кейин ҳаёт кечираётган киши "Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ", дейди. Бундай дейиш бахти ҳожиларга насиб қилади, "Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ", деб, кейин ўзидан салом юборган қариндош-уруғларининг ва бошқа мусулмон юртдошларининг саломини ҳам у улуғ Зотга етказиб, сўнгра ўша жойда — Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларида намоз ўқиш билан ҳар бир ҳожи ўз вазифасини адо қилган бўлади.

Оллоҳнинг марҳамати билан юртдошларимиз ҳам улуғ ҳаж сафарига чиқишга имкон топяптилар. Бунинг қадрига етишимиз керак.

Ҳаж — шунчаки ўйнаб келадиган, кўрмаган жойларни кўриб келадиган саёҳат эмас. Балки покланиб келадиган, Оллоҳнинг даъватига биноан қилинадиган Улуғ Сафардир. Демак, бундай сафарга бораётган кишилар фақат ўзларинигина ўйласалар тўғри бўлмайди. Ҳар бир ҳожи ўз юртининг, ватанининг вакили ҳамдир. Мана шу жиҳат ҳам ҳожиларимизнинг шуурида доимо туриши керак.

Ҳаж сафари Оллоҳ таолонинг амри билан бутун ер юзидан келадиган мусулмонларнинг йиллик йиғинидир. Бир тасаввур қилинг, бу иш ҳеч қанақа подшоҳнинг қўлидан келмайди. Ҳеч қандай қўмондон ўзининг ҳарбийларини бу даражада йиға олмайди. Йиғса, бошқара олмайди. Фақат подшоҳларнинг подшоҳи бўлган Оллоҳнинг Ўзи бошқара оладиган ишдир бу.

Бу ерда мусулмон инсон Улуғ дини Исломнинг қаердан тарқаганини, Оллоҳ Уйининг қай даражада обод Уй эканлигини қўради. Жазирама саҳрода жойлашган Маккага кириб келаётган одамлар оқими дунёнинг бошқа биронта ҳам энг гўзал гўшаларига етиб бормаслиги аниқ эканлигини ҳис қилади. Бу ерда мусулмон одамнинг қўнгли тоғдай кўтарилиб кетади. Уз ватанида парчаланиб, бўлиниб, бир-бирларини тушунмай юрган мусулмонларни кўриб анча ғам-ташвишга тушиб қолган иймонли киши бу ерда миллионлаб мусулмонларнинг борлигини, бир сафда туриб ибодат қилганликларини кўради. Биз мусулмонлар қанчалар катта қувват эканлигимизни, Оллоҳнинг дини яшаётганини билади, ер юзининг ҳар бир жойида мусулмонлар борлигини ўз кўзи билан кўради. Демак, Ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлган киши бу Улуғ Сафардан ўзгариб келиши керак. Пайғамбар алайҳиссалом: "Оллоҳ наздида мақбул бўлиб, қабул бўлган ҳажнинг белгиларидан бири — киши ҳажга бориб келганидан кейин аввалги ҳолатидан яхшироқ бўлиб қолгани, Оллохдан қўрқадиган, покизароқ, тақволироқ бўлиб қолганидир", деб марҳамат қилганлар.

 — Суҳбатингизни ҳажи қабул бўлган кишининг мақоми қандай бўлиши ҳақидаги фикрлар билан якунласангиз.

Бу хусусида буюрдиларки: "Оллоҳ ҳузурида қабул бўлган ҳажнинг битта жазоси борки, у ҳам бўлса Жаннатдир". Оллоҳнинг расули бизларга ваъда киляптики, Худо учун ҳаж қилган, ҳажнинг арконларини Оллоҳ  таоло буюрганидек адо қилган ва ҳаждан кейин Оллоҳ буюрган йўлда покизалик билан ҳаёт кечирган инсоннинг мукофоти Жаннатдар. Демак, Оллоҳнинг Уйидан қуруқ қайтилмайди. Оллоҳ Ўз меҳмонларини қузатар экан, Жаннатимга мушарраф бўласан, деган ваъда билан кузатади. Ҳақиқий саодатманд банда эса ўзининг қилган ҳаж ибодати учун Яратган томонидан берилган бу буюк ваъдани бош устида тутиб, қолган ҳаётини Жаноби Ҳақ рози бўладиган амали солиҳларга бағишлайди. Барчамизга мана шундай бахт насиб этгай.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:16:13
СУДХЎРЛИК

Муҳтарам устоз, бугунги суҳбатингизни судхўрлик масаласига бағииишсангиз?!Илгари, шўролар замонида, бу сўз деярли луғатларимиздагина учрар, чунки сўз ва унинг замиридаги тушунча бор эди-ю, лекин "судхўрлик" ижтимоий ҳодиса сифатида кўзга ташланмас эди. Иқтисодий-ижтимоий муносабатлар ислоҳ қилинаётган кейинги йилларда пул нафақат товар учун тўлов воситаси, балки пул ишлайдиган қуролга ҳам айланиб қолди. Натижада, жамиятимизда бировларга устама фоиз эвазига пул бериб, ана ўша устама эвазига яшайдиганлар қатлами судхўрлар қатлами пайдо бўлди. Мана шу ҳодисага — судхўрлик ҳодисасига шариатимизнинг муносабати қандай?

— Ўктамбек, сиз чиндан ҳам бугунги кунимиз учун долзарб бўлган, мусулмон биродарларимиз тафсилотини билиб қўйиши ва билгандан сўнг унга амал қилиб яшаши лозим бўлган масалани ўртага ташладингиз.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда бозор иқтисодиёти деган замон бошланиб, ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, купчилик фақат пулни, иқтисодни ўйлайдиган бўлиб қолди. Бу энди бир ўтиш давридир. Иншооллоҳ, ҳамма нарса ўз жойига тушиб қолар. Аммо бу замоннинг тақозоларидан бири — ҳар қандай касб-ҳунар билан шуғулланишдан қатъий назар, ҳамма пул муомаласига мубтало бўладиган бир ҳолат экан; кишилар ўзларини тижоратга уришга ҳаддан ортиқ берилиб кетдилар. Бу иш қўлидан келадиганлар ҳам, келмайдиганлари ҳам. Баъзилар бошқа ҳунарлари йўқлигидан ўзларини тижоратга уряптилар. Бундайлар орасида аввал бир столни эгаллаб ўтириш билан бемалол бола-чақа боққан кишилар ҳам бор. Амал курсисидан ажраб қолгач, нима қилар эди? Унга ҳам тижорат осон ишдек кўриниб кетмоқда-да...

Тижорат билан шуғулланиш учун бирламчи маблағ кераклиги икки карра икки — тўртдек маълум ҳакиқат. Маблағ эса ҳар кимда ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли кишилар айрим фоизлар эвазига пулни кўпайтириб қайтариш шарти билан қарзга пул олмоқдалар. Афсуски, шу йўл билан тижоратни ўнглаб олмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги "синиб", ўзларининг ватанлари — уйларидан, озми-кўпми мулкларидан жудо бўлмоқдалар. Айримлар эса оғир фожиаларга ҳам гирифтор бўлмоқдалар. Яъни, судхўрдан олган пул фоиз ҳисобига кўпайиб кетганлиги туфайли уни вақтида тўлай олмай, ўз жонига суиқасд қилганлар ҳақида ҳам, минг афсуски, эшитиб турибмиз,

Мана шундай нохуш ҳолатларнинг ҳаммасига сабаб биз Оллоҳимизнинг буйруғига итоат қилмаслигимиздир. Мусулмон деган инсон Оллоҳнинг амру фармонларига тўла итоат қилса, бу муаммолар ўз-ўзидан йўқ бўлар эди.

Оллоҳ таоло ўзининг Қуръонида судхўрликнинг ҳаром эканлигини баён қилган. "Бақара" сурасининг 275-оятида Парвардигоримиз марҳамат қилиб, мана бундай хабар беради:

"Судхўр бўлган кишилар Қиёмат Кунида қабрларидан турмайдилар. Магар жин чалган мажнун каби турадилар". Яъни Қиёматда, кимнинг ким эканлиги ошкор бўладиган, Оллоҳ олдида кофирлар, динсизлар, мунофиқлар шарманда бўладиган Соатда Оллоҳ таоло ўша жазоланувчиларнинг суратларини ҳам ўзгартириб, бошқалар олдида уларнинг ким эканлигини шундоқ қўриниб — билиниб турадиган ҳолатда тирилтирар экан. Дўнё ва Охират Эгаси бўлган Оллоҳ таоло судхўрларнинг Қиёмат Кунидаги ҳолатларидан бизга хабар беряптики, улар жин урган мажнун каби турадилар, бунга сабаб, уларнинг: "Бай — олди-сотти ҳам судхўрликнинг ўзи-ку", деганларидир. Яъни, бай билан судхўрликнинг фарки йўқ, деганлари учун шу жазога мустаҳиқ бўладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган.

Бас, кимга парвардигоридан насиҳат етгач, судхўрликдан тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Оллоҳ таологашг ҳукмига ҳавола қилинади. Яъни, судхўрликнинг ҳаром экани хусусида Яратган Парвардигоримизнинг ҳукмини билгандан сўнг, мана шу ҳаром ишдан тўхтаган кишиларга Оллоҳ таоло бундан аввал қилган хатоларингиз кечирилади, буёғига ҳалол бўлинглар, деб йўл беради. Демак, "Ўзи хоҳласа афв қилар ва ким судхўрликка қайтса — ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Оллоҳ судхўрликнинг фойдасини йўқ қилади ва садақаларнинг фойдасини зиёда қилади". Яъни, баъзи бир судхўрлар олаётган фоизлари билан бойиб кетяпман, деб ўйлайдилар, лекин атрофга қарасалар, кўп ҳолатларда мана шундай ҳаром йўл билан бойиган одамлар бир кунда ҳамма нарсадан мосуво бўлиб қолганларига тарих ва шу қунимизда беҳисоб мисоллар бор. Судҳўрликнинг фойдаси йўқ бўладиган фойдадир, дейди Оллоҳ таоло. Аммо қўлида бор одамлар яхшиликлар қилсалар, бировларга садақотлар қилсалар, уларга ўша садақотлари эвазига яхшиликларни, бойликни зиёда қилишини меҳрибон Оллоҳимиз ваъда қилади.

"Оллоҳ ҳар қандай судхўрликни ҳалол, деб биладиган кўрнамакни ва судхўрлик киладиган жиноятчини севмайди". Мана шу оятлардан маълум бўладики, судхўрлик динимизда қайтарилган, ҳаром қилинган иш экан. Яна бир ояти карима:

Эй мўъминлар, Оллоҳдан қўрқингиз. Ва агар чиндан мўъмин бўлсангизлар судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни, одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз)" (Бақара сураси, 278-оят.)

Мана бу динимизнинг нақадар мукаммал илоҳий дин эканлигига очиқ далолатдир. Демак, судхўрлик инсонга бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам фойда бермас экан. Аксинча, шарманда қилар экан.

Судхўрлик нима сабабдан ҳаром қилинди? Ахир бир қарашда бировга тижорати юришиб кетсин учун пул бериб, яъни, яхшилик қилиб, қилган яхшилиги эвазига аввалдан келишиб қўйилган фойдани олиш мантиққа ҳам, адолатга ҳам тўғри келади-ку?

— Бунинг ҳикматини ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи билади. Лекин масаланинг инсон ақли ҳам етадиган жиҳатлари бор, албатта. Масалан, киши ё ақлий ва ёки жисмоний меҳнат қилса ва ўша меҳнати эвазига бировдан ҳақ олса ўша олинган ҳақ, албатта, ҳалол ҳисобланади. Лекин, аксинча, ҳеч қандай меҳнатсиз бировнинг нарсасини олса, бу ўғрилик билан баробардир, ҳаромдир. Судхўр ҳам берган 10 сўмини 11 сўм қилиб олар экан, ўша бир сўмни меҳнатсиз олаётган бўлади. Лекин, шунинг муқобилида қарзни ҳалол бериб, қанча берса, шунча қайтариб олса — Оллоҳ ҳузурида катта ажрларга мушарраф бўлади, чунки бир ожиз одамни қўллаган бўлади. Оллоҳ таоло ҳам уни қийин соатда қўллайди, мадад беради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: "Инналлоҳа маъд-дайин", яъни, "Оллоҳ таоло қарз бергувчилар билан бирга бўлади, уларни балои-қазодан асрайди", деганлар. Демак, ҳалол қарз бергувчилар — фойда эвазига эмас, савоб эвазига қарз бергувчилар катта савобга эга бўладилар. Пулни меҳнатсиз кўпайтиришни ўйлайдиганлар ҳаром иш қилган бўладилар. Бунинг оқибати қандай бўлишини юқорида айтдик.

Демак, судхўрлик жамият учун ҳам, ҳар бир шахс учун ҳам жуда зиёнли иш экан. Бу иш билан билмаганлик оқибатида шу кунгача шуғулланган кишилар бу ишдан тийилсинлар, Оллоҳ олдида гуноҳлари мағфират бўлиб, кечирилишларига, иншооллоҳ, эришадилар.

Кези келганда яна бир муҳим нарса ҳақида айтиб ўтсангиз. Судхўрлик динимизда қайтарилган иш экан, судхўр Оллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлар экан. Лекин ўша судхўрдан қарз олгувчилар-чи? Улар гуноҳкор бўлмайдими?

— Ўринли савол. Судхўрлардан қарз олган кишилар ҳам ҳаром иш қилган бўладилар. Яъни, ўша судхўрнинг судхўрлик қилишига шароит яратиб берган бўладиларки, улар ҳам Оллоҳ ҳузурида ўша судхўр билан баробар гуноҳкор бўладилар. Демак, биз шариатимизнинг мана шу кўрсатмасига амал қилсак, жамиятимизда анча тозаланиш, покизаланиш, ҳар хил кутилмаган фожиа ва офатлардан халос бўлиш имконияти, иншооллоҳ, вужудга келади.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:16:24
КЎПХОТИНЛИК

Устоз, хабарингиз бор, 90-йилларда мамлакатдаги сиёсат, иқтисодий муносабатлар ўзгариб кетиши туфайли кишилар моддий таъминот даражасига кўра табақаланиб қолдилар. Аҳолининг бир қисми бойиб, кўпчилик қашшоқлашиб кетди. Миллатдошларимиз орасида ҳам янги бойлар талайгина. Ўзбекдан чиққан янги бойларнинг кўпчилиги пулини тахминан мана бундай ишлатади: эски уйини бузиб, унинг ўрнига янгисини солади (бу уй, албатта, ҳинд кинофилъмларидаги уйларга ўхшаши шарт): "Москвич "ини сотиб, "Мерседес " олади; ва албатта, хотини устига яна битта хотин олади. Натижада, илгари оддий совет инженерининг бахтли хотини бўлиб юрган аёлга бугунги кунда егани олдидаю емагани ортида бўлгани билан, кундоши борлигидан еган луқмаси татимайди.

Маълумки, динимиз кўпхотинликка ижозат беради. Демак, бу ижозатнинг тагида муайян ҳикмат бор. Бугун мана шу хусусда айтиб берсангиз...

— Қуръони Каримдаги 176 оятдан иборат бўлган тўртинчи сура катта суралардан биридир. Ва у "Нисо", яъни "Аёллар" деб аталади. Мазкур сура аёлларга — оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз, аёлларимизга тааллуқли масалалар баён қилингани учун ҳам шундай аталган. Демак, бу сурада оила масалалари ҳам баён қилинган.

"Нисо" сурасининг учинчи оятида Оллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

"Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмаслиқдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир".

Бу Оллоҳимиз каломининг таржимаси эди. Камина мазкур ояти каримани қуйидагича изоҳлаган эдим: (Гап устоз Алоуддин Мансур таржимасида ўзбек тилида чоп этилган Қуръони Каримдага тафсир — изоҳ устида кетмоқда — Ў К.)

"Уламолар мазкур оятни қуйидагича тафсир қиладилар: "Шариат ҳукмича ота-онадан ажраб, етим бўлиб қолган қизни ўз қарамоғига олган одам у қизга уйланишга ҳаққи бор. Лекин, одатда, бундай ҳолларда кўпинча қизнинг ҳаққи — маҳрини тўла тўкис қилиб бермай, арзон-гаров уйланиб олиш пайига тушилади. Шунинг учун Қуръон етим қизларнинг ҳаққини адо қила олмасликдан қўрқсангиз, Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйлана-веринглар, деб рухсат беради ва дарҳол у хотинлар ўртасида адолат қилиш шарт эканини таъкидлайди. Қолаверса, Исломдаги бу қонун Қуръон нозил бўлган даврда кенг тарқалган кўпхотинликни тартибга солиш учун жорий қилинган эди. Чунки, Ислом келишидан илгари бир эркак қўли осгида ўнлаб аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ, адолат ва ҳурмат-эътибордан маҳрум бўлган ҳолда кун кўрар эдилар. Ислом келгач, бу саноқ энг кўпи тўртга бўлиши мумкинлиги ва албатта, ўртада адолат барқарор бўлиши шарт эканлиги қонун қилинди. Лекин, барибир, ҳакли суратда шундай савол туғилади: модомики, адолат мурод экан, нима сабабдан бир эркакка фақат биргина аёл билан турмуш қилиш амр этилмади? Ислом уламолари бу саволга шундай жавоб қиладилар:

Маълумки, Ислом воқеий диндир. Яъни, у инсонни покиза ҳаёт кечиришига даъват қилишда ғайривоқеий йўлларни тутмайди. Бинобарин, бу қонунда ҳам воқеий, инсоний ҳаёт назарда тутилган. Биринчидан, асрлар давомидаги тажрибалар кўрсатишича, ўғил боладан кўра қиз бола кўпроқ туғилади; иккинчидан, аёл киши эркак кишидан кўра узунроқ умр кўриши ҳам воқеий ҳақиқат; учинчидан, турли фожиалар, хусусан, уруш ва тўқнашувларда, асосан, эркаклар ҳалок бўлади.

Мана шу ва яна бошқа кўп сабаблар натижасида аёлларнинг саноғи эркакларнинг саноғидан кўпроқ бўлади, демак, бир эркак фақат бир аёлга уйланиши мумкин дейилса, эркак саноғидан ортиб қолган аёлларга зулм қилинган бўлур эди. Яъни, бу аёллар ўзларининг турмуш қуриш ва она бўлиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолар эдилар. Натижада, жамиятда нопоклик ва маиший бузуқлик юзага келади. Шунинг учун Ислом моддий имкониятлари бўлган кишиларга агар адолат қилишнинг уддасидан чиқсалар, бирдан ортиқ аёл билан турмуш қуришга рухсат беради. Ва шу йўл билан бирга аёллар ўртасида адолат қилмай, фақат шаҳвоний нафсини қондириш учунгина кўп хотин олишга ружу қўйган кимсалар учун Охиратда ашаддий азоб борлиги ҳақида огоҳлантиради. Демак, юқоридага ояти карима ўртага ташланган саволга тўла-тўкис жавоб берар экан.

Лекин биз замондошларимизнинг савияларидан, диний билимларга қанчалик омил эканликларидан хабардор бўлган киши сифатида яна қўшимча қилиб айтишимиз керакки, ҳақиқатан шариатимиз бирдан ортиқ хотин олишга ижозат беради. Биз бу ижозатнинг ҳикматларини тафсиримизда баён қилганмиз. Лекин яна шуни ҳам билиб олишимиз керакки, бирдан ортиқ аёлга уйланиш жамиятни тоза тутишга ва ҳар бир инсонни — хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, ҳаром йўддан қайтаришга ҳамда етим фарзандларга ота ёки она бўлиб тарбия беришларига хизмат қилса, демакки, инсонларни, хусусан, болаларни тарбиялашга, жамиятнинг яхшиланувига, интизомга тушувига хизмат қилса — бу ҳолатда, албатта, бу ҳукм ҳар қандай жамият учун зарур ҳукмдир.

Лекин, баъзиларнинг шунчаки бир кўнгилхуши учун, пулдорлиги ёхуд мансабдорлиги сабабли ўзининг кўз очиб кўрган аёлига, фарзандларига бепарво бўлиб, бошқа бир аёлга махфий суратда уйланиб олиб, "Бу — шариатнинг ижозати", дейишлари, аслида, шариатга амал қилганлик эмас. Бундайлар шариатимиз қайтарган ишни қилган кишилар бўладилар. Чунки Қуръони Каримда Оллоҳ таоло: агар адолат қила олмасанглар, битта билан кифояданинглар, деб таъкидлайди. Адолат қилмоқлик шу қадар зарур ишки, гўё икки хотин эгаси бўлган кишининг бутун вужуди иккига бўлинади. Ҳар иккала аёлга ҳам баробар кўз билан қараш зарур бўлади. Кўз очиб кўрган аёлини фарзандлари билан ташлаб ёшроқ аёлга кетиб қолиш Исломга зид ишдир. Ёки бировни ўз никоҳига олиб, сўнг уни бир шаръий никоҳидаги аёл каби эмас, балки ҳаром ўйнаш каби махфий тутиб, бири билан ошкора ва бошқа бири билан пинҳона ҳаёт кечириш шариатга ҳам, адо-латга ҳам зид амаллардандур. Чунки кичик аёл ҳам мен фалончининг оиласиман, деб айта олиши учун бу нарса эл олдида маълум бўлиши керак. Шунинг уддасидан чиқолмаган кишиларнинг иккинчи хотинга уйланишлари уларнинг гуноҳкор бўлиб қолишларига сабаб бўлади. Аммо, адолат қила олган кишиларга шариатимиз ижозат беради. Биз оилавий турмуш масаласидаги мана шу ўта нозик жиҳатни яхши билиб олишимиз керак.

Келинг, суҳбатимиз бошида биз эслаган ояти каримага яна бир бор қайтайлик. Токи ундаги баъзи бир тушунчалар китобхон учун мавҳум бўлиб қолмасин: "Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўртгадан уйланаверинглар". Демак, шу ояти кариманинг ҳукми билан қодир бўлган ва адолат қила оладиган кишиларга ижозат бўлади.

Энди етим қизлар хусусида. Масалан, ота-онасидан кичиклигидаёқ етим қолган қизни бир оила ўз тарбиясига олар экан ва бу оила ўша қизга яқин қариндош бўлмаса, қиз учун бу оила аъзолари номаҳрам сифатида қолади. Кизни тарбия-лагани учун бу оила Оллоҳ олдида кўп савобга эга бўлади, лекин маҳрамга — ўз фарзандига айланиб қолмайди. Шу сабабдан ўша етим қиз балоғат ёшига етгандан кейин ўз қарамоғига олган оила бошлиғининг тақдир тақозоси билан бу қизга уйланишига шариат рухсат беради ва, албатга, маҳрларини тўла бершпга буюради. Лекин киз ўзининг қўлида бўлгани учун унинг маҳрини бермасдан, адолат қилмасдан уйланса, гуноҳкор бўлишини Оллоҳ бизга хабар қилади. Яъни, бегона-ни олгандек маҳрини тўла адо қилишга буюради.

Юқорида яна: "Ёки қўлингиздаги чўрилар билан кифояланинг", деган жумла ҳам ўтди...

— Қуръони Карим нозил бўлган замон қулдорлик даври эди. Бу ана ўша замондагилар учун бўлган мурожаат эди. Ҳозир қулдорлик замони бўлмагани учун, табиийки, чўрилар ҳам йўқ. Ислом куфр билан, бошқа диндаги одамлар билан жиҳод-ғазотларда асир олинадиган кишиларнинг эркакларини қул, аёлларини чўри қилиб олишга ижозат берар эди. Чунки асирга тушиб қолган мусулмонларга ҳам душманлар шундай муносабатда бўлар эдилар. Ҳозир эса чўрилар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Хулоса шуки, кўпхотинликни ҳаром дейишга бизнинг ҳуқуқимиз йўқ Чунки Қуръон бу кўрсатмани очиқ баён қилди. Лекин ижозат беришда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Мен бир хотиндан кўпроқка уйланган ва улар ўртасида адолат қилмайдиган айрим кишиларга ачинаман. Уларнинг жуда кўпчилиги адолат қила олмаганлиги, яъни бирини ошкор, бирини махфий тутиш билан Оллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлмоқдалар.

Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: "Кимнинг бирдан ортиқ аёли бўлса ва шу аёллари ўртасида адолат қилмасдан турмуш кечирадиган бўлса Қиёмат Кунида ўша инсоннинг ярми қайтиб тирилади, холос, ярми йўқ бўлади", дедилар. Бу Охиратдаги шармандалик — қаттиқ азобдир. Шунинг учун адолат қила олиш қўлидан келмайдиган кишилар кўпхотинлик маса-ласида ўйлаброқ қадам боссалар тўғри бўлади.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:16:36
МАЗҲАБ

Мазҳаб масаласи кейинги йилларда кишилар оғзидан тушмасдан, кўпчилик толиби илмлар, аҳли илм, аҳли ибодат ўртасида айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Бизлар мазҳаб масаласи ҳақида аждодларимиздан давомли равишда асрлар давомида ўрганиб, одатланиб келган йўлимиз нақадар Қуръону ҳадисга мувофиқ эканини билганимиз учун гапирамиз. Кишиларнинг мазҳабга беэътиборлиги уларнинг мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмаганликларидандир, яъни жаҳолатдандир. Дини Ислом Оллоҳнинг комил ва сўнгги динидир. У бизга, бутун Инсониятга то Қиёмат ўзгармай амал қилиш учун юборилган диндир. У маълум бир минтақадаги бир миллат ёхуд бир қавмга бир муддат амал қилиш учун юборилган дин эмас. Динимизнинг буюклиги, унинг бошқа динлардан фарқи ҳам мана шундадир.

Демак, ана шундай улуғ ва бутун Оламни қамраб оладиган Оллоҳнинг сўнгги ва баркамол дини — дини Исломни қабул қилган кишиларнинг қавмлари ҳам, тиллари ҳам, замонлари ҳам, маконлари ҳам хилма-хиллигидан келиб чиқиб, бу ерларга динни етказиб келган кишиларнинг таълимотларига асосан диний амалларини адо этарканлар, ана шу амалларда бир минтақадаги мусулмонларнинг амаллари айрим масалаларда бошқа минтақадаги мусулмонларнинг амалларидан фарқли бўлиб қолиши мумкин. Ва бу нарса динимизнинг кенглиги, Оллоҳ таолонинг сиз ва бизга берган катта неъматларидан биридир. Чунки дини Ислом Оламга ёйилиши билан, бутун оламдаги кишиларнинг амал қилиши учун ҳар томонлама мос, енгил, осон равишда бўлишини Оллоҳнинг ўзи таъминлаган ва бунга"сабаб қилиб жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сизу бизга динни етказиб келган уламоларимизнинг дунёнинг ҳар тарафида пайдо бўлишини Оллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган эканки, бу ҳар биримиз учун яхшиликдур.

Мазҳаблар хилма-хиллиги ҳақида, улар ўртасидаги баъзи ихтилофлар ҳақида хар хил фикрлар билдирадиган кишилар бор. Баъзилар: "Қуръон битта бўлса, динимиз бир, шариатимиз бир бўлса, нега 4 та мазҳаб бўлиши керак?" деб ай-тадилар. Умуман, мазҳаб бўлиши шартми, кишининг муайян мазҳабда бўлиши шартми, деб сўрайдилар.

Бу саволларга биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадислари билан жавоб берамиз. Жаноби Расулуллоҳ айтадилар: "Ҳар бир ибодатингизда аввало Оллоҳнинг китоби — Каломуллоҳга мурожаат қиласизлар, Унда нима дейилган бўлса — шунга амал қиласизлар, агар Қуръонда бирон масаланинг жавобини тополмасангиз, у ҳолда Мендан қолган, Мендан ўтган суннатга мурожаат қиласизлар, менинг ҳадисларимга амал қиласизлар, агар ҳадисларимдан ҳам топол-масангиз, у ҳолатда саҳобаларимнинг айтган гапларига эргашасиз. Чунки саҳобаларим осмондаги йўлчи юлдузларга ўхшайдилар. Манзилатлари шу қадар буюкдир, уларнинг қайси бирига эргашсангиз, ҳидоят йўлига етаклаб кета ола-дилар. Саҳобаларим ўртасида хилма-хил масалалар айтилиши ҳам Сизлар учун Оллоҳнинг марҳаматидир".

Мана шу ҳадисдан жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларидан кейинги саҳобалар орасида айрим ма-салаларда ихтилофлар бўлиши эҳтимолини баён қилдилар. Кайси саҳобага эргашсангиз адашмайсиз, бирини ҳақ, ик-кинчисини ноҳақ, дейишга ҳаққингиз йўқ, деб марҳамат қилдилар. Бу динимизнинг кенглигидан далолатдир.

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни бир дақиқа бўлса ҳам иймон билан кўриб қолган киши саҳоба деб аталади. Пайғамбаримизнинг саҳобалари 124 минг нафар бўлган экан. Саҳобаларнинг манзилатлари шу қадар буюкки, Оллоҳнинг дўсти бўлган мингта авлиё, бир саҳобага мартабада тенг бўлолмас экан. Чунки, улар Расулуллоҳга замондош бўлиб, Саодат Асрида яшаган, дини Исломни бутун оламга тарқатишда Расулуллоҳга кўмакдош бўлган кишилардир. Ўша саҳобалар жаноб Расулуллоҳнинг сўзларидан ва ҳаётларидан хилма-хил ҳадислар ривоят қиладиларки, айрим пайтларда бир ҳадис иккинчисига зоҳирда тескари келиб қолиши ҳам мумкин. Бу табиий, албатта. Биримиз бир саҳобанинг, иккинчимиз бошқа саҳобанинг ҳадисини олар эканмиз, гарчи масалада икки хиллик турса ҳам ҳар икки тараф ҳидоятда, тўғри йўдда, деб эътиқод қилинади. Мазҳабларнинг ўртасидаги ихтилофли масалалар мана шу ердан келиб чиқади. Демак, саҳобалар ўртасидаги ихтилофлардан мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар келиб чиқади.

Лекин, биз аниқ билиб олишимиз керакки, бу "ихтилофлар" деб аталаётган нарсалар асли эътиқодимизга боғлиқ нарсалар эмас, асли ақидада, ягона эътиқоддамизки, хеч кимнинг орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръону ҳадисда мукаммал маълумот берилган. Ҳамма мазҳабдаги мусулмонларнинг ақидаси бирдир. Фақатгина ибодат ва муомалотларимизда айрим фарқлар кўринади. Демак, хилма-хиллик Оллоҳнинг раҳмати экан, бунинг ёмонлиги йўқ.

Бас, шундай экан, умуман, мазҳабга бўлинмай, тўғри Қуръони ҳадисдан фойдаланиб динимизга амал қилаверсак бўлмайдими?

— Оллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръон ва жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, суннатлари ва ҳадислари инсоният учун руҳий озуқадир. Беморни дори билан шифолаганларидек, кишини руҳоний хасталик — динсизлиқдан, нодонликдан, жаҳолатдан даволайдиган шифо жаноб Расулуллоҳнинг ҳадисларидир. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган галлари гўё дорилардир. Бизларга бу дори — ҳадисларни етказган муҳаддис олимлар дорихона эгаларидир. Улар ўша дориларни кетма-кет кўрсатиб, китобларга битиб қўйдилар. Энг улуғ, энг шифобахш дори — руҳнинг дориси бўлган ўша ҳадисларни ўз ўрнида ишлата билиш эса ҳар ким ҳам уддалайверадиган осон иш эмас. Маълумки, инсон хасталанса, гарчи саводхон бўлса ҳам, дорихонадан ўзи дори танлай олмайди ва табибга мурожаат қилади. Шунинг учун ҳам бизлар агар ҳадисларни руҳни шифоловчи дорилар деб билсак, мазҳаб имомларини доришунос табиблар деб биламиз. Сиз билан биз ўша табибларнинг гапларига қулоқ солсак, доридан тўғри фойдалана оламиз. Ва бу бизнинг нажотга боришимиз, охират диёрида ҳам бахтли бўлишимиз учун бир таъминот бўлади, ин-шооллоҳ.

Демак, мазҳаб бошлиқлари (Оллоҳ барчаларши раҳмат қилсин) бизлар учун ўша табиблар ўрнидаги кишилардир.

Ана ўша "дори белгилайдиган табиблар", яъни мазҳаб бошлиқлари, эҳтимолки, айрим ҳолатларда айрича, хилма-хил дориларни, бири бир дорини, иккинчиси бошқа бир дорини, яъни бир имом бир масалага бир жавобни, бошқа имом иккинчи жавобни айтиш билан ўрталарида жузъий ихтилоф пайдо бўлиши мумкин.

Фақат бир табибнинг дориси билан даволанган киши шифо топганидек, бир мазҳаб имомининг этагини ушлаган киши руҳий шифо топиши аклга аёндир.

Демак, бизлар учун мазҳаблар — Оллоҳнинг раҳмати, Қуръону ҳадисни тушунишимиз учун уламоларнинг хизмати экан.

Мазҳабларнинг кўплиги диннинг бирлигига хавф солмайдими?

Динимиз бир. Каломуллоҳ бир. Шариат ҳукмлари бизга Қуръону ҳадисдан етади. Шунга амал қилсак, Исломда турган бўламиз. Лекин Қуръон илмида бир нарса борки, шуни айтиб ўтсак, Сиз сўраётган масалага жавоб бўлади, иншооллоҳ.

Оллоҳнинг Каломи бўлган Қуръоннинг 7 хил қироати бор. Етти қори Қуръонни 7 хил ўқийдилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳам: "Қуръон етти ҳарф, яъни етти қироат устида нозил қилинди", деганлар. Бу кироатлар ўртасидаги тафовутлар шундаки, айрим калималаргина хилма-хил қироат қилинади, холос. Бу ўша 7 нафар қоридан бизларга мерос бўлиб қолган.

Бизларнинг диёримизда ва қарийб бутун оламда ўша етти қоридан бири бўлган Осим қироатида ўқилади ва қўлимизда-ги Қуръон китобларимиз ана ўша бир қорининг қироатига асослангандир. Осимдан унинг икки шогирди Қуръонни қан-дай қироат қилиш кераклиги ҳақида ривоят қилган. Улар Ҳафс ибн Сулаймон ва Шўъба деган кишилар эди. Сизу биз, ҳозирги замондаги аксари мусулмонлар ана ўша Осим деган қоридан Ҳафс ибн Сулаймон килган ривоят бўйича ўқиймиз.

Қолган 6 нафар қоридан ҳам, иккитадан ровий ривоят қилган ва ўша 6 нафар қорининг қироати ҳам худди бизнинг қироатимиздек ҳақ қироатдир. Уларнинг ўртасида Қуръон моҳиятида фарқ йўқ.

Масалан, Қуръоннинг бир неча жойида Оллоҳ таоло ўзининг ҳузурига қайтишимизни хабар беради. Ана ўша жойда "қайтасизлар", деган сўз келади. Бу сўз араб тилида "таржиъун"дир. Бир қори шундай ўқиган, яна бири “туржаъун” деб, учинчиси "яржиъун", тўртинчиси "юржаъун" дейди. Аслида, бўзнинг ўзаги битга — "қайтиш" маъноли сўз. Тўртгала кўринишни таржима қиламиз — биринчи қори "қайтасизлар" деб ўқийди, иккинчиси "қайтариласизлар", учинчиси "қайтадилар" ва тўртинчи қори "қайтариладилар", деди. Тўртталаси ҳам Оллоҳ ҳузурига қайтиш ҳақида ўқидилар. Лекин, кироатда шундай ихтилоф бўлди. Биз шундан бирини олдик ва биз олмаган бошқа қироатларни ҳам ҳақ деб, эътироф қиламиз.

Қуръонни етти қори етти хил қироат қилиши билан у еттига бўлиниб қолмади-ку! Нега мазҳаб тўртта бўлиши билан дин 4 га бўлиниб қолар экан?! Балки ўша хилма-хиллик, ҳар диёрда мана шундай уламолар ўтиб, улар бошқарган мазҳабларга одамларнинг эргашиши — Оллоҳ таолонинг Ўз бандаларига инъом этган неъматидир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларига замондош бўлган Ислом халифаларидан Умар бин Абдулазиз: "Яхшиямки Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари ўртасида айрим масалаларда хилма-хил ривоятлар келган экан, агар ҳаммалари бир хил ривоят килганларида дин қийинлашиб кетар эди. Мен ўша саҳобалар ўртасида ихтилоф бўлмаслиги ва ҳаммаси фақат бир хил ривоят қилишлари ҳаққига бутун дунё бойлигининг берилишини ваъда қилсалар ҳам хурсанд бўлмас эдим", деган эди. Ўша саҳобалар ўртасидаги ихтилофлар динимизни енгил қилади, ҳар минтақадаги мусулмонлар ўзларининг имомларига эргашадилар, Қуръону ҳадисга итоат қиладилар. Бу жуда катта неъматдир.

Демак, мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар жузъийдир. Бу ақидадаги эмас, балки айрим ибодатлардаги ихтилофлардир. Мазҳаблар бошлиқдари эса бирбирлари би-лан дўст-биродар, бир-бирларига устоз-шогирд бўлган кишилардирки, бу ҳақда, иншооллоҳ, батафсил тўхталамиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари айрим масалаларда ихтилоф килдилар, дедик. Лекин бу нарса уларнинг ораларида думшанликка, адоватга сабаб бўлмади, балки уларнинг итгифоқликлари бардавом бўлди. Шунингдек, бизлар ҳам мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлардан келиб чиқиб, ўз мазҳабимиздаги йўлни ҳақ деб, бошқа мазҳабдагиларни ноҳақ демаймиз. Дунё миқёсида тан олинган тўртта мазҳабнинг барчаси ҳақдир. Фарқ фақат афзал ва жоиз деган нисбатдадир. Биз эътиқод қилган мазҳаб — афзал, бошқа мазҳаблар эса — жоиз, яъни улар ҳам тўғри мазҳаблардир. Лекин афзалроғи бизнинг мазҳаб, деб эътироф этамиз. Ундан нарига ўтиш, яъни, фақат бизнинг мазҳаб ҳақ, бошқа мазҳабдагилар диндан адашган кишилар дейиш адашишликдир. Балки, мана шу нарса адоватга сабаб бўлади.

Nom: Re: Imomi A'zam - buyuk imomimiz
Yuborildi: AbdulAziz 27 Iyun 2011, 16:16:53
ИМОМИ АЪЗАМ

Ҳурматли устоз, ҳазрати Имоми Аъзамнинг шахси ҳақида батафсилроқ сўз юритсангиз...

— Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари бўлган мусулмон биродарларимизга тарих давомида хизмат қилиб ўтган уламоларимизни, хусусан, Имоми Аъзамдек буюк шахсни танитиш уламоларнинг вазифаларидир. У кишининг таржимаи ҳолларини нақадар аниқ билсак, у кйшининг юритган йўлларининг ҳам нақадар ҳақ эканлигини аниқ билиб, ишонишимизга сабаб бўлади.

Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга бир мансаб — мартаба ато қилган. Биров олиймақом зот бўлса, биров бир оз қуйироқ мақомда ҳаёт кечириб ўтади. Сизлар ҳар бир инсонни имкониятинглар қадар ўз манзилатларига қўйинглар. Яъни, Буюк шахсларга беҳурматлик назари билан қараманглар ва беписандлик билан уларга беэътибор бўлманглар", деб марҳамат қилганлар. Ана шу улуғ мартаба эгалари бўлган Оллоҳнинг дўстларидан, бизга динимизни баркамол етказиб кетган уламолардан, энг пешқадам зотлардан бири бўлган зот — ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У кишининг асл исмлари Нўъмон, оталарининг исми Собит, боболарининг исми Зуто бўлган экан.

Зуто Қобул шаҳрида таваллуд топганлар. Қавмиятлари, миллатлари форслардан. Дини Ислом келиб, мусулмонлар бутун дунёни фатҳ қилиб, Қобулга борганларида бу киши асир бўлиб Кўфа шаҳрига келиб қолган эканлар. Зуто дини Исломни қабул қилганларидан сўнг, уни қуллиқдан озод қиладилар ва у озод мусулмонлар қаторига қўшилади. Зутодан Кўфада Собит исмли фарзанд дунёга келади. Собитдан эса бизнинг Имомимиз — ҳазрат Нўъмон ибн Собит, лақаблари Абу Ҳанифа, унвонлари Имоми Аъзам бўлган зот Кўфада таваллуд топдилар. Имоми Аъзам — Улуғ Имом деганидир. Бу мартабага бошқа ҳеч бир мазҳаб бошлиғи етиб борган эмас. Бошқа мазҳабларнинг бошлиқлари имомимизни Имоми Аъзам, деб шарафлайдилар, лекин уларнинг ўзларини ҳеч ким Имоми Аъзам демайди. Бизлар ўшандай Улуғ Имомнинг мазҳабидаги кишилардирмиз.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80-йилда таваллуд топганлар. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Асри Саодатларида, биринчи асрда туғилганлар, Кўфанинг ўзида ўсиб-улғайганлар. Шу ердаги энг катга уламолардан дарс олдилар. То Қиёмат турадиган мазҳабга асос солиш даражасидаги илмларини ўша Кўфада эгаллаганлар. Бу кишининг устозлари Ҳаммод ибн Абу Сулаймон деган зот эди. У Кўфа шаҳрининг фақиҳи, катта муҳаддис олими эдилар. Бу зот имомимизнинг энг катта ва энг асосий устозларидир. Лекин имомимиз бошқа ҳеч кимга насиб бўлмаган даражада жуда кўпчлилиқдан сабоқ олганлар. Расулуллоҳни кўрган саҳобаларни кўрган 4 минг кишидан дарс олган эканлар. Имомимиз таваллуд топган 80-йилда ҳали саҳобаларнинг ҳаётлари бор эдилар. Жумладан, Кўфа шаҳрида Имоми Аъзам 9 нафар саҳоба билан мулоқотда бўлганлар. 8 эркак ва 1 аёл саҳобани кўрганликлари ҳақида китобларда баён қилинади.

Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни қўрган киши саҳоба, саҳобаларни кўрган киши тобеин ҳисобланади. Саҳобалар ва тобеинларнинг мақоми Расулуллоҳнинг ҳадисларида бундай баён қилинади: "Замонларнинг энг яхшиси — менинг замоним. Инсоният пайдо бўлганидан то Қиёматгача мен яшаган замондан яхши замон бўлмайди. Менинг замонимдан кейин саҳобаларим яшаган замон ҳам яхши замон. Саҳобаларимни кўрган тобеинлар яшаган замон ҳам яхши замон. Лекин тобеинлардан кейин замон бузилиб, ёлғон ёйилиб, одамлар орасида фитна-фасодлар кўпайиб кетади". Сиз билан бизнинг имомимиз — ҳазрат Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалар яшаётган замонда таваллуд топдилар ва саҳобалар билан мулоқотда бўлдилар. Ўзлари тобеинлар қаторига кирдилар.

Имоми Аъзам абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илм олиш бобида, илмий даражалари миқёсида тенгсиз эдилар.

Биз Аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари тўртта дедик, яъни тўртта энг катта уламо 4 мазҳабга асосчи эканликларини эътироф этамиз. Ўша уламоларни номма-ном санасак, ўз мазҳабимизнинг даражаси янада аён бўлади:

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ 80-йилда туғилганлар.

Имоми Молик ибн Анас 93-йилда туғилганлар.

Имоми Шофеъий 150-йилда туғилганлар.

Имоми Аҳмад бин Ҳанбал 164-йилда туғилганлар.

Демак, энг аввал туғилган, пайғамбар асрида туғилган имом бизнинг имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига ҳамзамон бўлганликлари ҳақида айтдик. Бошқа Имомлар эса саҳобаларнинг суҳбатларини ололмаганлар. Шунинг учун ҳам улар бизнинг имомимизни ўзларига устоз, деб билганлар.

Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеъий шун-дай эътироф қиладилар: "Одамлар ҳаммалари — барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда, масала илмида Абу Ҳанифага бола-чақаликка ярайди, холос, Абу Ҳанифа билан рақобат қилиш даражасига чиққан инсон йўқ".

Имоми Молик бин Анас раҳимаҳуллоҳу эса: "Мен ҳадис илмини билишда, жаноб Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда, энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим", дейдилар ва бу зот ҳам доимо Имоми Аъзамни ўзларига устоз деб санаганлар.

Ҳақиқатан, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ Имоми Моликка ҳамда бошқа икки имомга ҳам устоз эдилар. Чунки навбатдаги имом — Имоми Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ Имоми Аъзам вафот қилган 150-йилда  туғилган эдилар ва бу киши бир муддат Имоми Аъзамнинг шогирди Муҳаммад бин Ҳасандан дарс олганлар. Демак, Имоми Шофеъ-ий Имоми Аъзамнинг "набира" шогирди бўлар эканлар.

Тўртинчи мазҳаб асосчиси Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал эса Имоми Шофеъийдан дарс олганлар. Демак, у киши бизнинг Имомимизга "чевара" шогирд эканлар. Имомимиз шу қадар буюк, барча бошқа мазҳабларнинг имомларига ҳам устоз бўлган зот эканлар.

Бизлар ҳозирда ўша замонлардан узоқ бўлганимиз, илмли кишиларнинг орамизда кам бўлгани, узоқ йиллар давомида динимиз таълимотларидан бебаҳра яшаганимиз учун ана шу зотларнинг манзилатларини билмасдан, уларга яраш-майдиган, мутлақо тўғри келмайдиган айбларни ҳам уларнинг шахсиятига тақаб гапириб юрадиган кишилар ҳам орамизда йўқ эмас. Шунинг учун ҳам Имомимизнинг таржимаи ҳолларини, бошқа имомларнинг у зот ҳақида эъти-рофларини яхши билсак, шунда у кишининг мақомларига ақлимиз етади ва хар хил гаплардан ўзимизни тиямиз.

Имоми Аъзам у қадар ҳадисга моҳир бўлмаган экан, у киши Кўфада яшаб ўтганлари, Мадина ва Маккада яшамаганлари  учун ҳадисларни кам билар эканлар, деб юрадиган биродарларимиз ҳам йўқ эмас...

— Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг 124 минг ададли саҳобасининг 150 нафари, яна бошқа бир ривоятга қараганда 1500 нафари Кўфада яшаганлар. Булар шунчаки илмсиз саҳобалар эмасдилар. Расулуллоҳдан кейин кўп илмли саҳобалар Кўфага келганлар. Уларнинг энг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу каби улуғ зотлар хам Кўфада истиқомат қилиб тургандилар. Демак, Имоми Аъзам тарбияланган муҳит— Кўфа иқлими ҳадисларга бой бир иқлим эди. Шунинг учун Имомимиз ўзлари тақрибан 4000 ҳадис ривоят қилганлар. "Муснади Аби Ҳанифа" дёган алоҳида ҳадис китоблари бор.

Такрор бўлса ҳам айтамизки, 124 минг саҳобанинг ҳаммаси ҳам илмли бўлмаган. Уларнинг орасида чўпони ҳам, деҳқони, тижоратчиси, ҳунарманди ҳам бўлган. Шу билан бирга уламолари ҳам бўлган. Шу катта саноқдан 130 киши муфтийлик мақомига, яъни ҳар қандай масалада фатво берадиган мақомга етган экан. Ўша 130 саҳобанинг ичидан 6 кишигина мужтаҳид деган мақомга чиққан экан. Бу Қуръону ҳадис асосида масала чиқариш иқтидорига эга бўлишдир. Имомимиз ўша мужтаҳид саҳобаларнинг олти нафаридан ҳадис ривоят қилганлар. Улар Расулуллоҳни шунчаки бир соат кўриб қолган кишилар эмас, балки У Зотнинг ёнларида жуда узоқ вақт ҳамсуҳбат бўлган кишилар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий каби саҳобалар мужтаҳидлик мақомигачиққан кишилар эдилар. Имомимиз буларнинг ҳаммаларвдан ҳадис ривоят қилганлар.

Демак, Имоми Аъзамни у қадар ҳадисга моҳир эмас, деганлар жоҳил кимсалардир, ўз имомини танимайдиган кишилардир. Ёки улар бир улуғ зотнинг манзилатини пастга туширмоқчи бўлган бадғараз кишилар бўлиб чиқади.

Устоз, энди мазҳаблар ўртасидаги айрим яққол кўзга ташланадиган ихтилофлар ҳақида айтиб берсангиз?

— Бунинг учун биз ҳозир бир масалани баён қиламиз. Шунда, балки кўп мушкул ҳал бўлиб, одамларимиз ўртасида тушунилмаган нарсаларга аниқлик кириб қолар.

Кейинги даврда, алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таоло марҳамати билан чегаралар очилиб, хориж билан борди-келди кўпайди. Эркин равишда диний билимларни олишимизга шароитлар бўлди. Бу шуқр қилишимиз керак бўлган неъмати илоҳиядир.

Лекин, шу билан бирга чегаралар очилгач, хилма-хил оқимлар бизнинг диёримизга кириб кела бошлади. Ёхуд диёримиздан четга сафар қилганлар бошқа мазҳаблардаги кишиларнинг ибодатларига гувоҳ бўлдилар. Натижада, ўртада айрим масалаларда ихтилофлар юзага чиқди.

Шундай ихтилофли масалалардан бири аввалги суҳбатларимизда ҳам бир қадар қисқароқ гапириб ўтганимиз — намоз ибодатлардаги "Омин" лафзини жаҳрий ёхуд махфий айтиш масаласидир. Бу ихтилоф мазҳаблар ўртасидаги ихтилофдир. Маълумки, имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ намозда "Омин"ни махфий айтиш лозим дейдилар. Бошқа бир мазҳаб соҳиби Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳу намозда "Омин"ни жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш керак, дейдилар. Мана икки имом ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Лекин икки имом ҳам беҳуда гапни эмас, далили, ҳужжати бор гапни айтдилар. Дарвоқе, Имоми Шофеъий ва Имоми Молик ҳам намозда "Омин"ни махфий айтишни тан оладилар. Фақат Аҳмад ибн Ҳанбал "Омин"ни жаҳрий айтилсин, дейдилар. Бундай дейиш учун далил сифатида у киши ҳадис келтирадилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларйдан Абдуллоҳ ибн Зубайр деган киши (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин) Пайғамбаримиз намоз ўқиётганларида "Омин"ни жаҳрий айтганлар, деб ҳадис ривоят қилганлар.

Эътибор қилинг: Абдуллоҳ ибн Зубайр Пайғамбаримиз вафот қилганларида 9 яшар бола эдилар. Мана шу киши Пайғамбаримиз вафотларидан кейин намозда "Омин"ни жаҳрий айтдилар ва бошқаларга ҳам шуни тавсия қилдилар.

Яна бир саҳоба Воил ибн Жуҳур деган зот (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин) Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилиб: "Мен Пайғамбаримиз ортларида намоз ўқидим, Пайғамбаримиз намозда "Омин"ни ошкор овоз чиқариб айтдилар", дейдилар. Бу ҳам ҳақ ҳадис. Лекин, Воил ибн Жуҳурнинг ўзи ким эди? У Яманнинг подшоҳи бўлиб, бошқа диндаги киши эди. Жаноб Расулуллоҳнинг пайғамбар бўлиб юборилганларини эшитиб, у кишини Оллоҳ ҳидоят қилиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб иймон келтирганлар. Ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг орқаларида бир ҳафта намоз ўқиганлар. Шyнда Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқишнинг тартибини ўргатиш учун бўлса керак янги ўрганаётган кишига "Омин"ни ҳам жаҳрий айтиб берганлар. Бир ҳафтадан кейин у киши иймонга кириб, намозни ўрганиб юртларига қайтиб кетганлар ва умрларининг охиригача Расулуллоҳни қайта кўрмаганлар.

Демак, "Омин"ни овоз чиқариб айтиш керак, деган бир саҳоба Расулуллоҳнинг вафотларида 9 яшар бола бўлса, бошқа саҳоба Расулуллоҳни бор-йўғи бир ҳафта кўрган киши эди, холос.

Бизнинг имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ намозда "Омин"ни махфий айтиш кераклиги тўғрисида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Бу киши бир куни — Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин ёнларидаги ҳамсуҳбатларига: "Мен Сизларга ҳозир Пайғамбар алайҳиссаломнинг намозларини ўқиб бераман", дедилар. Ва намоз ўқиб кўрсатиб бердилар. Шу намозларида қўлларини елка баробарига кўтармадилар ва шу билан бирга "Омин"ни ҳам ичларида айтдилар. Расулуллоҳ намозни шундай ўқиганлар, деб баён қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд бошқа бир ҳадисларида эса мана бундай деганлар: "Тўрт нарсани намозхон одам пинҳон ўқийди: "Аллоҳу акбар", деб намозга киргандан сўнг "Субҳанакааллоҳумма" деб бошланадиган санони, "Аузу..."-ни, "Бисмиллаҳ..."ни ва "Омин"ни".

Шу ҳадисни, яъни Расулуллоҳ "Омин"ни махфий айтинглар, деб буюрганлар, намозларида махфий айтганлар, деган ҳадисни ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбар алайҳиссалом билан 22 йил ёнма-ён турган саҳоба эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом: "Қуръонни нами кетмаган ҳолда, яъни менга нозил килинган ҳолида ўрганмоқчи бўлсангиз, Абдуллоҳ ибн Масъуддан ўрганинг", деган эдилар.

Ана энди инсоф билан ўзимиз қайси йўлга юришни танлашимиз мумкин: Расулуллоҳнинг намозлари ҳақида гапирган 9 ёшли боланинг гапи тўғрироқ бўладими, Расулуллоҳни умрида бир ҳафтагина кўрган саҳобанинг гапи тўғрироқ бўладими ёки Пайғамбаримиз билан 22 йил ёнма-ён турган, ҳатто Пайғамбарнинг болаларидан деб саналиб келган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг гаплари тўғрироқ бўладими?

Албатта, Расулуллоҳнинг ёнларида узоқ вақт ҳамсуҳбат бўлган, Ислом миллати ичида энг катта олим деб тан олинган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг гапи ҳақроқдир, деб эътиқод қиламиз, афзал деймиз. Бизнинг имомимиз шу ҳадис асосида "Омин"ни махфий айтишни буюрадилар.

Қолаверса, динимиздаги асосий манба — Оллоҳнинг каломи — Қуръони Каримга мурожаат қилсак, Яратган Парвардигоримиз ибодатимиз хусусида бизларга: "Парвардигорингизга дуо қилишда Оллоҳдан қўрқиб ва ичингизда дуо қилинг", деб буюрган. Бу Оллоҳнинг каломидир.

"Омин" деб айтадиган калимамиз дуодир. Демак, бизлар дуони ичимизда айтишимиз Қуръоннинг мана шу кўрсатмасига, Расулуллоҳ ҳазратларининг ҳадисларига мувофиқ бўлади ва шунинг учун имомимиз ва бошқа икки имом ҳам намозда "омин"ни махфий айтишни бизларга китобларида қолдириб кетганлар.

Ҳозирда айрим кишилар мана шу масалага тушунмасдан мусулмонлар ўртасига ихтилоф солиб қўймоқдалар. Баъзи масжидларда диндош биродарлар, оға-инилар бир-бирлари билан шу масала устида "сан-ман"га бориб қолган ҳоллари ҳам қулоққа тушади. Бизлар бунинг асосини билсак, бу нарсанинг қаердан, қай ҳолатда вожиб бўлганлигини билсак, тадқиқ қилсак — иншооллоҳ, мусулмонларимизнинг иттифоқлигига сабаб бўлади.

Мен сизга имомимиз чиқарган масалалардан бирини айтиб бердим. Бундай масалалар мазҳабимизда жуда далилли, исботли ва кўпдир.

Масала чиқариш, Қуръону ҳадисни англаш шу қадар нозик ишки, имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ, хусусан, ҳадисни тушунишда, уни ривоят қилишда жуда катта масъулиятни зиммаларига олган эканлар. Ҳадис етказган ула-молар бу кишининг ҳадисга бўлган эҳтиёткорликларини тан олиб, эътироф қилганлар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳ алайҳ бир ҳадисни ҳадис деб айтиш учун ўзларича қоида қилган эканлар: "Шу ҳадисни етказган ровийдан эшитган соатдан тортиб то китобга ёзиб ёки бировга сўзлагунча бўлган муддатда агар бир дақиқа шу ҳадис ёддан чиқиб қолган бўлса, у ҳадисни китобга ёзиш, ёхуд бировга айтишга ҳеч кимнинг ҳақки йўқ", дер эканлар. Яъни, ҳадиснинг мазмунинигина эмас, балки ундаги сўзларнинг ҳар бир ҳарфигача етказиш масъулиятини зиммаларига олган эканлар. Ҳадис ривоят қилган бошқа уламолар учун эса ҳадиснинг мазмунини етказиб қўйишгина кифоя қилган.

Энди айрим кишиларнинг Имоми Аъзам баъзи 100 минглаб ҳадис ривоят қилган уламоларга нисбатан жуда оз ҳадис ривоят қилган, деган даъвосига жавоб берамиз. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳақиқатан ҳам бошқа муҳаддис уламолар даражасида кўп ҳадис ривоят килган эмаслар. Лекин бу ҳолат у кишининг ҳадисни камроқ билишларига далил бўлмайди.

Масалан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг энг улуғ саҳобаларидан бўлган, узоқ вақт Расулуллоҳнинг ёнларида турган, дини Исломнинг қувватланишига сабаб бўлган зот ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан бор-йўғи 134 та ҳадис ривоят қилганлар, холос. Жаноби Расулуллоҳ ҳаётларининг сўнгги 3 йилидагина ҳамсуҳбат бўлган Абу Ҳурайрадан эса бир неча минг ҳадис ривоят бўлган. Бизлар озроқ ҳадис ривоят қилганлари учун Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайрага қараганда динни озроқ билар эди, демаймиз-ку?! Демак, ривоят қилинган ҳадиснинг саноғи билан кишининг илми ўлчанмайди. Қолаверса, ҳадисларнинг ривоятидан кўра Имомимиз ўша ҳадисларнинг дироя-тини, яъни тўғри англашни аввалга қўйганлар.

Ҳадис ривоят қилганларнинг ҳаммаси ҳам ҳадисни Имомимиз каби англаган, Имомимиз каби талқин қилган эмаслар.

Мана, бир мисол: Аъмаш деган бир зот ўтган. У Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга замондош бўлган муҳаддис уламолардан бири эди. Ўша киши бир куни Имоми Аъзамнинг шогирдлари Абу Юсуфга таъна қилиб, сенинг домланг имом Абу Ҳанифа бир масалада Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига қарши иш қиляпти, деди. Абу Юсуф сўради: "Қайси масалада?" Тобеин муҳаддислардан бўлган Аъмаш розияллоҳу анҳу айтдилар: "Бировнинг никоҳида бўлган чўри бошка бир қулдорга сотилса, савдо битиши биланоқ талоқ тушиб қолади ва у аёл озод бўлиб, навбатдаги хўжайинининг уйига эрсиз ҳолда етиб боради. Домланг Абу Ҳанифа эса, бировнинг никоҳида бўлган чўри сотилса, у ўз эрига талоқ бўлиб қолмайди. Балки фақат эри талоқ қилсагина навбатдаги хожасига боши очиқ ҳодда кетади, дейди. Бу гапи билан домланг Паиғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига зид иш қилган бўлмайдими?''

Шунда Абу Юсуф: "Менинг имомим ўша сотилган чўри боши очиқ аёлга айланиб қолмайди, деган масалани чиқаришда Сиз ривоят қилган ҳадисга асосланганлар. Ахир Сиз бизга бир ҳадис ривоят қилдингиз. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳу бир Барира деган чўриларини озод қилганларида унинг эри бор эди. Басира Расулуллоҳнинг олдиларига келиб, мен мана бу ердан озод бўлдим, энди эримнинг никоҳидан ҳам чиқиб кетдимми, деб сўраганда, энди бу сенинг ихтиёринг, ўша эринг ҳал қилади, унинг ихтиёридан агар талоқ берса, чиқиб кетасан, дедилар, дегандинтиз-ку?!"

Мана шу ҳадисни ривоят қилган Аъмашнинг ўзи уни Имоми Аъзамчалик англамаган эканлар. Шогирднинг жавобидан сўнг Аъмаш, Оллоҳ у кишидан рози бўлсин, Имоми Аъзамнинг ҳадисни нақадар яхши англашига, ҳатто уни ривоят қилган одамнинг ўзидан ҳам яхшироқ англашига қойил қолган эканлар.

Демак, Сизу бизнинг Имомимиз ҳукм чиқаришда, масала бобида тенгсиз бўлган эканлар. Ҳар бир ҳадисга Оллоҳдан қўрқиб ёндашадиган аҳли тақво буюк бир зот эканлар.

Устоз, энди имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ яшаб ўтган муҳит ҳақида тўхталсангиз. Чунки у ёки бу шахс ҳақидаги маълумотларни тўла идрок қилиш учун ўша шахс яшаган замон ва макон тўғрисида бир оз тасаввур бўлиши керак...

— Тўғри, Ўктамбек. Биз аввалроқ Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг Кўфада таваллуд топиб, ўша ерда дастлабки илмий маърифатларини ҳосил қилганлари ҳақида гапирдик. Сизнинг саволингизга жавоб тариқасида бу ша-ҳардаги диний ва илмий иқлимнинг нақадар яхши бўлганлиги тўғрисидаги гапларимизга яна баъзи қўшимчалар бўладиган жиҳатларни айтай:

Бу шаҳар ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улуғ саҳобаларидан, Пайғамбаримиздан кейинги иккинчи халифа бўлган ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб замонларида — ҳижрий 17 йилда барпо бўлган шаҳардир. Ислом тарихидан маълумки, динимизнинг дунёга тарқалишидаги энг муҳим давр ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларга тўғри келади. Жумладан, Ироқ мамлакатларининг ислом аскарлари томонидан забт этилиши ҳам ҳазрати Умарнинг халифалик йилларига тўғри келган. Ироқ забт этилгандан сўнг, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳижрий 17 йилда Кўфа шаҳрини барпо қилишга қарор қилган эканлар ва шу шаҳарда яшайдиган кишиларга исломий илм ўргатсин учун суҳбатимиз давомида зикр этиб ўтилган улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъудни жўнатган эканлар.

Мана шу жойда бир эътиборга лойиқ нуқта бор. Ҳазрати Умар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъудни Кўфага жўнатар эканлар, у зотнинг ортидан кўфаликларга юборган саломларида мана бундай гап бор экан: "Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунавварадага мусулмонлар — ҳаммамиз Абдуллоҳнинг илмларига ташнамиз. Лекин ҳозир ўзимизни қўйиб сизларга юборяпман Абдуллоҳни. Сизлар фойдаланинглар. Лекин унутмангки, Мадинадаги бутун саҳобалар Абдуллоҳнинг илмига муҳтождирлар". Демак, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илми шу даражада мукаммал экан. Бу зот Кўфада исломий маърифатни шу қадар ёйдиларки, натижада ҳазрати Умардан кейин халифалик қилган зот — ҳазрати Усмондан сўнг халифа бўлган ҳазрати Али Кўфани Ислом давлатининг пойтахтига айлантирдилар. Ҳазрати Али халифа сифатида Кўфага кириб келган даврда бу ерда 4 минг нафардан зиёд жуда етук билимли уламо бор эди. Буларнинг барчаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган эдилар. Бу ҳолатни кўрган ҳазрати Али: "Абдуллоҳнинг мукофотини Оллоҳнинг ўзи берсин. Кўфани илмга тўлдириб қўйибди-ку!" деб марҳамат қилганлар.

Энди ҳазрати Алининг ўзларига келсак. Бу кишининг илм даражалари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, "Илм шаҳри бўлса у — менман, бу шаҳарнинг дарвозаси Алидир", деган эдилар. Уммати Муҳаммадия ичидаги энг билимдон кишилардан бўлган ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Кўфа шаҳридаги меҳнатларини юқорида айтилганидек, юқори баҳолаган эканлар.

Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ мана шундай иқлимда униб-ўсганлар... Ривоятларда келадики, Имоми Аъзамнинг боболари Зуто оталари Собитни гўдаклик чоғида ҳазрати Алининг олдига олиб бориб, ўғлимнинг ҳақига дуо қилинг, деб илтимос қилади. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, ўғлингга Оллоҳ муборак зурриёт ато қилсин, деб дуо қилган эканлар. Мана шу улуғ саҳобанинг дуолари ижобат бўлиб, Собитга — Зутонинг ўғли Собитга Оллоҳ Нўъмон деган фарзандни ато қилдики, бу Сиз билан бизнинг имомимиз Имоми Аъзам Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифадирлар.

Шундай қилиб, Имомимиз диний илмда мукаммал бўлиб, хусусан, ҳадис илмида ҳам шу қадар маҳоратли бўлган эканларки, бу ҳақда Ҳасан ибн Зиёд деган зот, Имоми Аъзам шахсан 4 минг ҳадис ривоят қилганлар, дейдилар. Шу тўрт минг ҳадиснинг тенг ярмини устозлари Ҳаммод ибн Сулаймондан ривоят қилганлар, қолган 2 мингини бошқа тобеинлардан ривоят қилганлар, деб айтганлар. Бу Имомимизнинг ҳадис илмидаги маҳорати ҳақида замондошларининг эътирофидандир. Кўфа шаҳридаги бу гўзал иқлим Имоми Аъзам туғилган даврга тўғри келган эди. Бу даврда суҳбатимизнинг аввалида айтганимиздек, Кўфада 1500 саҳоба яшаган эди. Демак, бу саҳобаларнинг илмларидан баҳра олган имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шундай илмда тенгсиз бир мақомда ҳаммага устоз бўлиб, нафақат оддий мусулмонларга, балки дин пешволари бўлган мужтаҳид уламоларга ҳам устозлик даражасига чиққан эканлар. Уламолардан бири ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни энг камида 83 мингта масала айтганлар, дейдилар. Бу - то Қиёмат сўралиши мумкин ва лозим бўлган ҳамма масалаларга Имоми Аъзам жавоб айтганлар, деганидир. Тўрт мазҳаб ичида Имоми Аъзамнинг мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши ўша масалаларнинг пухталиги ва Қуръону ҳадисга мувофиқлигидандир. 83 минг масалани айтишга бир одамнинг умри кифоя қилиши ўта мушқулдир, лекин Оллоҳ Имомимизга ана шундай неъматни инъом эттан экан. Тарих давомида бутун дунёдаги мусулмонларнинг қарийб ярми Имоми Аъзамнинг мазҳабида бўлганлар. Ҳозир ҳам шундай. Бу Имомимизнинг масалала-ри нақадар пухта ва тўғрилигидан далолатдир.

Шу кунда ер юзида 1,5 миллиард атрофида мусулмон бор. Шулардан тахминан 700 миллион нафари бизнинг мазҳабдаги мусулмонлардир.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабида 15 миллион атрофида, холос (эсингиздами, бу мазҳабдагилар "омин"ни жаҳрий айтадилар), энди ўзингиз айтинг: 700 миллион мусулмон бир мазҳабда, 15 миллион мусулмон иккинчи мазҳабда бўлса, бизнинг қайси мазҳабга эргашмоғимиз афзалроқ бўлади? Жаноби Расулуллоҳдан сўрасак, у зот, агар мусулмонлар бирор масалада икки тоифага бўлинадиган бўлса, қайси тоифадаги одамларнинг саноғи кўп бўлса, ўшанга эргашинглар, адашмайсизлар, дейдилар. Демак, мантиқан олинганда, бизнинг мазҳабимиз шундай муборак мазҳабки, эргашган одам адашмайди.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ масалаларининг яшовчанлиги шундаки, ҳеч қачон бирон масалани ёлғиз ўзлари айтиб китобларга ёздирмаганлар. Ўзларининг энг пешқадам шогирдларидан муфтийлик мақомидаги 40 кишига ҳавола қилганлар. Улардан ўртага қўйилган масалани асослаб беришни, агар асоси заифроқ бўлса мазкур масалага қарши бошқа масала қўйишни талаб қилар эканлар. Демак, 40 на-фар муфтийнинг муҳокамасидан ўтган масалагина Имоми Аъзамнинг масаласи сифатида китобларга киритилар экан. Шу боис ҳам мазҳабимизни маслаҳат мазҳаби, шўро мазҳаби ҳам деб атайдилар. Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабдаги фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, айрим ҳолларда Имоми Аъзам айтган бир гап айтилиб туриб, ёнида шогирдларидан бирининг гаплари ҳам айтилади. Имомимиз қайси олимнинг ҳужжати қувватлироқ бўлса, ўшанинг гапини китобга туширишни буюрар эканлар. Ва ўзларининг гапларини ҳам хато дейишиб ва хатолигини исботлаб берсалар, қабул қиларканлар. Мана шу туфайли ҳам бу мазҳаб дунёнинг, ислом оламининг кўп тарафларига ёйилди.

Суҳбатимиз давомида Имом Шофеъий бутун уламолар Имоми Аъзамга бола-чақаликка ярайди, рақобат қилишга ҳеч кимнинг имкони йўқ, деган гапини эслатган эдик. Бу гапнинг икки маъноси бор. Биринчиси, чиндан ҳам ҳеч ким масала бобида Имоми Аъзамга баробар эмас дегани бўлса, иккинчи маъно шуки, бошқа жамики уламолар қилган масалалар — Имоми Аъзамнинг масалаларидан фойдаланиб чиқарилган масалалардир, дегани. Имоми Аъзам айтмай кетган биронта ҳам масала йўқ, деган таъкид ҳам шундан.

Имомимизнинг тақволарига келсак, Оллоҳдан қўрқишларини ўрганадиган бўлсак, у зот ҳар бир мусулмон учун бир мактаб, юксак намуна бўла оладиган ҳаётни яшаб ўтганлар. Имомимиз тижорат билан ҳам шуғулланган эдилар, аниқ-роғи, тужжорлик Имоми Аъзамнинг касблари эди. Оллоҳ таоло Имомимизга бу касбда ҳам баракотлар ато қилган.

Имоми Аъзамнинг тижоратдаги ҳалолликлари тариҳда достон бўлиб қолган. Бу ҳақда замондошлари - дўстлари ҳам, душманлари ҳам ёзиб қолдирганлар. Мана баъзи лавҳалар: Имомимиз бир тожир шериклари билан бошқа юртга мол юборибдилар. Мол икки хил навли бўлиб, бири сифатли, иккинчи хили сифатсизроқ экан. Имомимиз шерикларига молни икки хил нархда, яхшисини кимматроқ, ёмонини арзонроқ сотасан, деб тайинлабдилар. Лекин мол етказилган юртда айнан шу нарса тақчил бўлганлигидан, молнинг ҳаммаси бир хил — қиммат нархда сотилиб кетибди. У киши 30 минг кумуш тангалик савдо қилиб Кўфага қайтибди. Шунда Имомимиз ўша шерикларидан: "Икки хил навли молни икки хил нарҳда сотдингми?" деб сўрабдилар. У киши, йўқ, одамлар ўша қиммат нархга ҳам рози бўлиб сотиб олавердилар, деб жавоб берибди. Шунда Имоми Аъзамнинг дили оғриб, ўша 30 минг танга Оллоҳ йўлида садақа бўлсин, дебдилар. "Лекин мен бу садақадан савоб умид қилишга Оллоҳдан ҳаё қиламан, одамларни алдаб савдо қилибсиз, шунинг учун энди орамиздаги шериклик ҳам битди", деб 15 йиллик шерикларидан ҳам воз кечган эканлар. Бировнинг ҳақидан қўрқиш, яъни Оллоҳдан қўрқиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳда шу даражада қувватли экан.

Кунлардан бир куни Имоми Аъзам бозорда газлама харид қилмоқчи бўлдилар. Молнинг эгаси 100 танга деб баҳо айтди. Имомимиз ўзлари савдогар бўлганлари учун ҳам мол 100 тангалик эмас, балки анча қимматроқ эканлигини сезадилар. Шунинг учун мол-мулк эгасига, молингиз 100 тангалик эмас, қимматроқ нарх айтсангиз сотиб оламан, дейдилар. Мол эгаси 200 танга берақолинг, дейди. Харидорга мол бундан ҳам қимматроқ туюлаверади ва буни яна савдогарга айтадилар. Мол эгаси эса, бу менинг нарсам, қайси нархда сотгим келса сотавераман, дейди. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бозорнинг нарх белгиловчи оқсоқолини чақириб келиб, матонинг нархини аниқлаб беришни сўрайдилар. Нарх белгиловчининг айтишига қараганда, бу газлама 500 тангалик экан. Имомимиз матони ўз нархига — 500 тангага сотиб олибдилар.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ аввалги масалада сотувчи сифатида бировнинг ҳақидан қанчалик қўрққан бўлсалар, кейинги масалада харидор сифатида ҳам бировнинг ҳақидан шунчалик қўрқдилар.

Яна бир қун Имомимиз Кўфа шаҳри қассоблари ўғрилар келтирган қўйларни сотяптилар, деган гапни эшитиб қолдилар. Шу куниёқ бир чўпоннинг олдига бориб, ундан битта қўй ўртача неча йил яшайди, деб сўрадилар. Етти йил, деган жавобни эшиттанларидан сўнг, Имомимиз шунча йил қўй гўшти емаган эканлар.

Бу кишининг тақволарига сонсиз-саноқсиз шундай мисоллар бор. Мана, ўша мисоллардан яна бири.

Савдогарлик билан шуғулланиб юрган даврларида Имомимизнинг газлама дўконлари бўлар экан. Ўша дўкондаги ходимлари бир куни газламаларни тахлай туриб, матолардаги гулларга махлиё бўлиб қолибди-да, бу дунёнинг гуллари шу қадар гўзал бўлса, Жаннат гуллари қандай бўлар экан, "Эй Худо, бизга ҳам Жаннатингдан насиб эт!" деб дуо қилиб юборади. Ходимларининг бу дуосини эшитган Имомимизнинг ранглари қув ўчиб, дўконни ёпиб уйларига кетиб қоладилар. Эртасига келганларида Имомимиздан ходимлари кечаги воқеанинг сабабини сўрайди. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: "Эй биродар, биз қайси қилган ибодатимиз учун Оллоҳдан Жаннат сўрашга ҳаддимиз сиғади? Биз фақат Оллоҳдан гуноҳларимизни афв қилишини сўрашга ҳақлимиз, холос", дейдилар.

Имомимиз мана шундай буюк тақво эгаси бўлганлари сабабли ҳам, ниҳоят даражада ибодатли киши эдилар. У зот ибодатда шу қадар муқим бўлганларки, 70 йиллик ҳаётларининг 40 йилида кечалари ухламай ибодат қилган эканлар. 30 ёшлик чоғларидан то умрларининг охиригача хуфтон намозидаги таҳоратлари билан бомдодни ўқиган эканлар. Кечалари ҳамма мусулмон хуфтон намозидан кейин истироҳатга, оромга кирадиган бўлса, Имоми Аъзам ҳазратлари янги либосларини кийиб намозга турар эканлар. Бир ракатда шундоқ туриб — нафл намозида 30 пора Қуръон ўқийдилар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари баён қилинган китобларда Имомимиз 30 пора Қуръонни ўқиётиб "Ал-ҳакумуттакосур" сурасига келганларида, қироатни давом эттиролмай йиғлайверар эканлар. Чунки бу сурада Оллоҳ таоло сиз билан бизга: "Эй ғофил бандалар, то гўрларингизга кириб кетгунингизча дунё кўпайтириш билан машғул бўлдиларингиз-ку", деб миннат қилади. Имомимиз шу сурани ўқиганларида, мен ҳам шу кишилар қаторидаман-ку, Оллоҳимга қандай жавоб бераман, деб йиғлар эканлар.

Рамазони шарифда эса Қуръонни ҳар куни икки бор хатм қилар эканлар. Бошқа ойларда ҳар куни хуфтондан бомдодгача бир бор хатм қилсалар, Рамазони шарифда саҳарликкача бир бор ва эрталабдан ифторликкача яна бир марта 30 пора Қуръонни хатм қилар эканлар. Оллоҳ таоло Имомимизга Қуръон хатм қилсин учун вақтни ҳам баракотли қилган экан. Имомимиз вафот қилган хоналарида 7 минг марта Қуръонни хатм қилган эканлар. 7 минг марта Қуръон хатм қилиш — бу муттасил йигирма йил давоми-да ҳар куни бир бор тик туриб Қуръон ўқиш деганидир. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга шу насиб этган экан. Имомимизнинг кечалари намозда тик туришларига қўшнилари шу қадар ўрганган эканларки, у зот вафот қилганларида бир қўшниларининг фарзанди — ёш бола отасига, ота қўшнимизнинг уйи ўртасида бир устун бўлар эди, йиқилиб тушибди, деган экан. Шунда у киши, ўғлим бу устун эмас эди, шу хонадоннинг эгаси Абу Ҳанифа ҳар кеча намозда турганини кўрар эдинг, у киши вафот қилдилар, деб жавоб қилади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шу қадар намозга бақувват, Қуръонга муҳаббатли бўлиш билан бирга, умрларининг сўнгги 30 йили ичида бирон кун оғизлари очиқ бўлмаган экан. Ҳаётларини доимий рўза билан ўтказган эканлар. Имомимизнинг ибодатдаги бундай мустаҳкамликлари Сиз билан бизга дарс бўладиган, намуна бўладиган ва бу кишини танимайдиганлар яхшироқ таниб олишларига сабаб бўладиган фазилатлардандир.

Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг дунёга келишлари ва умуман, ҳаётлари ҳақида ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ишорат берилганлиги тўғрисида уламолар тарафидан айтилади. Жа-ноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида: "Ҳақ дин агар ерда эмас, осмонда, Сурайё юлдузида бўлса ҳам, форс аҳлидан бўлган кишилар ана шу иймонга етиб бориб, аҳли иймон бўлиб ўтадилар", деб башорат қилганлар. Улуғ уламоларимиздан  Жалолиддин Суютий мана шу ҳадис Пайғамбар алайҳиссалом тарафидан ҳазрати Имоми Аъзамнинг дунёга келишларига башорат ва ишоратдир, дейдилар. Уламолар шундай талқин қиладилар ва биз ҳам шу талқинга ишонамиз. Ҳақиқатан ҳам, Расулул-лоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари орасида Имоми Аъзам розияллоҳу анҳу даражасида Қуръону ҳадисни яхши англайдиган, масала бобида у зотнинг манзилатига етган киши қайтиб дунёга келмади. Бу зотнинг илмлари, тақволари, ибодатлари ҳақида бир қадар айтдик. Энди у кишининг ахлоқлари хусусида икки оғиз сўз.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шу қадар гўзал хулқли инсон эканларки, замондошлари у кишининг шу фазилатларини тан олиб, энг чиройли хулқ Имоми Аъзамнинг хулқидир, деб эътироф қилганлар. Бу хусусда кўп катта уламолардан баёнотлар қолган. Имомимиз, суҳбатимиз давомида айгганимиздек, аҳли тижорат бўлганлар. Оллоҳ таоло бу зотга ҳалол ризқу насиба берган, бекаму кўст, бой-ба-давлат бўлиб яшаб ўтганлар. У кишининг доимий саховатларидан  ҳамма баҳраманд бўдган. Имомимиз Оллоҳ таоло берган неъматга шукронасини ташқи кўринишдаҳам кўрсатиб ўтганлар. Доимо чиройли ва покиза кийимларда юрганлар. Бу ҳақда ҳам замондошлари гувоҳлик бериб кетганлар. Шундай баланд мақомга эришган зот ниҳоятда тавозели, хокиисор, камтар киши эканлар. Маълумки, кишига Оллоҳ таоло бир фазилат берса, қанчалик баланд мақомга кўтарилса, унинг ҳасадгўйлари ҳам шунчалик кўпаяди. Имомимиз Имоми Аъзам ҳам мана шундай ҳолатдан бенасиб эмас эканлар. Яъни, бу кишининг ҳам ҳолатларига ҳасад қилган, шаънларига ярашмаган гапларни айтган кишилар ҳам тариҳда йўқ эмас. Ҳозирда ҳам айрим кишилар Имомимизнинг кимликларини, у кишининг таржимаи ҳолла-рини яхши ўрганмай туриб ана шундай ҳасадгўйларнинг гаплари қулоқларига тушиши биланоқ, ўша гапларга ишона қоладилар, ўзлари ҳам "чуваб" кетадилар. Бу, албатта, жаҳолат - билмаслик оқибатидир. Имомимиз эса ўшандай ҳасадгўйларни кўрганларида: "Бизларни ёмонлаган кишиларнинг гуноҳини Оллоҳ кечирсин, бизларни яхши кўрганларни Оллоҳ раҳмат қилсин", деб дуо қилар эканлар. Яъни, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қилмас эканлар. Бу ҳаётлари давомида жуда кўп кўринган ҳолатдир.

Бир куни Имомимиз кўчада кетаётганларида ўшандай бадхулқ кишилардан иккитаси Имоми Аъзамнинг шаънларига ярашмаган ҳақоратларни қилибди. Ҳар қандай кишининг ҳам ғазабини қўзғайдиган бундай ҳақоратларни эшитган Имоми Аъзам уларга эътибор бермай, ўз йўлларида давом этаверибдилар. Ҳалиги икки бадхулқ ҳам сўкинишдан тўхтамай Имомимизнинг ортидан эргашиб келаверибди. Ниҳоят, Имомимиз ўз уйларига етиб келадилар-да, эшиклари олдида тўхтаб, ҳалигиларга: "Биродарлар, мен уйимга етиб келдим. Агар ҳақоратлардан қолгани бўлса, сўкиб олинглар, мен кутиб тураман, тугаганда уйимга кириб кетаман", деган эканлар. Бу киши шу даражада хокисор, тавозели, камтар бўлган эканлар.

Яна бир мисол: ҳалолни ҳаромдан ажрата олмайдиган, ўзи камбағал, бечора бўлса ҳам калондимоғ, бировларни сўкиб, дилига озор етказиб маза киладиган кишилар бўлади. Имомимизнинг ўшандай бир қўшнилари бор экан. У Оллоҳ таоло ҳаром қилган ичкиликка гирифтор, ҳар кеча маст экан. Имоми Аъзам шаънларига ҳажвлар айтар, бақир-чақир қилиб у зотга озор берар экан. Имомимиз тоқат билан унинг ҳақоратларини эшитаверар эканлар. Итгифоқо, бир қуни қўшнининг хонадонидан одатдаги бақир-чақир, сўкиниш, хақорат саси келмай қолибди. Имомимиз хавотирланиб хабар олдирдилар. Маълум бўлишича, ўша бадхулқ қўшни бадхулқлиги туфайли миршабларнинг қўлига тушиб, ҳибсга олинибди. Имоми Аъзам уни Худо жазолабди деб қўя қолмасдан, дарҳол амирнинг ҳузурига борибдилар. Менинг бир аёлманд косиб, камбағал кўшнимни қандайдир айб билан зиндонбанд қилибдилар. Ўша қўшнимни озод қилинг, унга менинг ўзим кафилман, деб илтимос қилибдилар. Кўфанинг амири, албатта, Имоми Аъзамнинг ким эканлигини билар эдилар. Шунинг учун у кишининг ҳурматидан нафақат бадхулқ қўшнини, балки кейинги икки кун давомида ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини қўйиб юбордилар. Шундан сўнг у қўшнига Худо инсоф берди. У зиндондан тўғри Имоми Аъзамнинг ҳузурига келди. Тавба қилиб, Имомимизга шогирд бўлди.

Тарих китобларининг гувоҳлик берипшча, у киши кейинчалик катта олим бўлиб кетган эканлар. Замондошларнинг таъкидлашларига қараганда, Имоми Аъзам анча-мунча кишиларни бир қўришдаёқ ҳолатларига қараб қандай одам эканликларини аниқ айтиб бера оладиган даражада фаросатли киши бўлган эканлар. Жуда кўпчилик мана шу нарсани тан олиб эътироф этади.

Имоми Аъзамнинг масала бобида беқиёс бўлганликларига яна бир мисол. Бу мисол ҳозирги замон учун унчалик ажабланарли бўлмаса-да, Имомимиз яшаган давр учун анча мушкул эди. Яъни, аксари масалаларни Имоми Аъзам ўз фаросатлари билан ечар эдилар. Бунга бир мисол, Кўфада бир аёл эгизак фарзанд кўрибди. Эгазаклар бир-бирларига белларидан ёпишган ҳодда туғилибдилар. Ҳозир бундайларни Сиём эгизаклари деб атайдилар. Бир оз фурсат ўтгач, ўша икки чақалоқдан бирининг ажали етиб ўлади, иккинчиси эса тирик. Агар бу ҳолат бизнинг замонда рўй берса, дарҳол жарроҳлар аралашиб масалани наштар билан ҳал қилиб қўя қоладилар. Лекин гап 1300 йил аввал бўлган воқеа хусусида, табобат ривожланмаган даврда рўй берган воқеа ҳақида кетяпти. Хуллас, ҳамма ҳайрон. Ўликни қўймоқчи бўлсалар, унинг тирик шериги бор. Кўммасалар ...

Шунда ҳеч ким жўяли бир жавоб айтолмаган мазкур масалага Оллоҳнинг илҳоми билан Имоми Аъзам жавоб қиладилар. У киши, бу бола кўмилади, лекин шундоқ қўмиладики, тирик бола ернинг устида қолади, дейдилар. Худди шундоқ кўмадилар ва Оллоҳнинг қудрати билан саноқли кундан сўнг ер ўша марҳум фарзандни тирик фарзанддан ажратиб олади. Тирик боланинг ҳаёти мана шундай сақпаб қолинади. Кейин уни Имоми Аъзамнинг ўғли деб атайдилар. Имомимизнинг бу "ўғли" узоқ йиллар умр кўради. Инсоният тарихида жуда кам учрайдиган мазкур ҳодисага боғлиқ масалани ҳал қилишда Имомимиз фавқулодда фаросатли эканликларини намойиш қилганлар.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мансабга муносабати қандай эди ?

— Бу ҳам батафсил тўхталишга арзийдиган мавзудир. Имомимизнинг илмий даражаси қанчалик юксак, одамийлиги мислсиз эканлигини давлат бошлиқлари ҳам, албатта, билар эдилар. Кўфа вилояти ва шаҳрининг ҳокими Ибн Ҳубайа Имоми Аъзамга Кўфа вилоятига қози бўлишни таклиф қилади. Имомимиз, мен қозилик лавозимида ишлашга Оллоҳдан қўрқаман, деб ҳоким таклифини рад этади. Гапи қайтганидан ғазабланган ҳоким, таклифимни қабул қилмасангиз, зиндонбанд бўласиз, сизни ҳар куни ўн дарра урадилар, деб таҳдид қилади. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: "Оллоҳнинг охират Диёридаги азобидан бу дунёдаги ҳокимнинг азоби, албатта, енгил бўлади, мен розиман", дейдилар. Шу тариқа зиндонни қозиликка алмаштирадилар. Хурсандлик билан ҳибсга олиниб, зиндон-банд қилинадилар. Имоми Аъзамни зиндонбанд қилганларидан сўнг 10 қун давомида ҳокимнинг ҳузурига олиб борар эканлар. Ҳоким у зотдан, ўйлаб кўрдингизми, розилик берасизми энди қози бўлишга, деб сўрар экан. Рад жавоби-ни эшитгач, ғазабланар, яна 10 дарра уришга буюрар экан. Имомимиз калтакланиб зиндонга қайтгандан сўнг йиғлар эканлар. Ҳамзиндонлари бу ҳолатдан ҳайрон. Ниҳоят, Имомимиздан нега бундай қилаётганларини сўрашга журъат қилибдилар. Ахир сизга лавозим бермоқчилар-ку, уни тезроқ қабул қилингу шу азоблардан қутулинг, дейишибди. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: "Мен калтак зарбидан йиғлаётганим йўқ Онамга раҳмим келганидан йиғлаяпман. У киши менинг зиндонга тушганимдан, калтакланаётганимдан бохабарлар. Онам қандай чидаяптилар экан! Мени мана шу нарса йиғлатяпти", деган эканлар. Шу тариқа 10 кунни азобда ўтказибдилар. Ўн биринчи кунга ўтар кечаси ҳокимнинг тушига жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кирибдилар. Пайғамбаримиз ҳокимга, "Менинг суннатимни тирилтириб дунёга ёяётган зотни зиндонга олиб киришдан қўрқмайсанми?" деб танбеҳ бердилар. Шундан сўнг ҳоким тонг отиши биланоқ шахсан ўзи зиндонга кириб, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан узр сўрабди, у зотни озод қилибди.

Имомимиз мана шундай мансаб — лавозимдан ҳазар қилган киши бўлган эканлар. Замондошларимиз орасида эса, аксинча, турли-туман катта-кичик мансаб-лавозимлар учун елиб-югураётган, ўша лавозимга чиқиб олиш учун ўртага дунёни ҳам, динни ҳам қўяётган кимсалар, афсуски, оз эмас. Ўшалар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан ўрнак олсалар ёмон бўлмас эди.

Зиндондан озод бўлганларидан кейин имомимиз Кўфани тарк этиб, Маккаи Мукаррамага кетиб қолдилар ва бу муборак шаҳарда 10 йиллар давомида истиқомат қилдилар. Бу зотнинг ҳаётларидан яна бир нуқта - 70 йиллик ҳаётларида 55 марта ҳаж ибодатини адо қилганлар. Демак, Имомимиз нафақат Кўфадаги, балки Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги уламоларнинг суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлганлар.

Туркистон диёридаги мусулмонлар Оллоҳ таолога беҳад, беадад шукрлар қилишимиз керакки, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдай улуғ зотнинг йўналишларида, мазҳабларида имкониятимиз қадар ибодат қилиб келяпмиз.

Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳолларига бағишланган суҳбатимизнинг ниҳоясида айтиб кўйишимиз зарур деб билган яна бир нарса бор:

Тўрт мазҳабдан бирининг асосчиси — Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу бир ибратли гап айтиб кетган эканлар. Катта илмий даражага етган бу зот Мадинаи Мунавварада яшаганлар, ҳадислар тўплами "Муватто" китобини ёзганлар. Бир кун ўша даврдаги Ислом халифаси Абу Жаъфар ал-Мансур "Муватто"ни ўқиб қолибдилар-да, ҳузурларига Молик ибн Анасни чақиртирибдилар. "Эй Молик, — дебдилар халифа имомга юзланиб, — сенинг китобингни ўқидим. Қуръону ҳадисга жуда мос китоб ёзибсан. Сенинг мазҳабингга эргашган мусулмон кўп диёримизда, лекин мен Ислом оламининг амири сифатида мана шу китобингни жуда кўп нусхада чоп эттириб, бугун дунёдаги мусулмонларга тарқаттирмоқчиман. Токи дунёдаги мусулмонларнинг барчаси фақат шу китобга бўйсунсинлар! Фақат моликий мазҳабида бўлсинлар", дебдилар. Шунда Имом Молик, Оллоҳ рози бўлсин бу зотдан, мана бундай марҳамат қиладиларки: "Ё Амиралмўъминин, шундай қилманг. Ёзган китобимдаги гапларимни мендан ва шогирдларимдан эшитган кишилар менинг мазҳабимга эргашсалар Оллоҳга шукр қиламан. Лекин Ислом оламининг бошқа тарафларига жуда кўп уламолар етиб борганларки, улар олиб борган таълимотларини энди нотўғри дейиш ва ўрнига менинг китобимни ўқишни буюриш, менинг мазҳабимга киришга мажбурлаш билан сиз дини Исломга хизмат қилган бўлмайсиз, балки мусулмонларнинг эътиқодларидаги паро-кандаликка сабаб бўласиз. Демак, шу пайтгача аждодларимиз амал қилиб келган йўл - хато йўл эканда, деб ўйлаб қолишларига сабаб бўласиз. Мени эшитган ва мени китобимни ўқиганлар менинг мазҳабимда бўлсинлар. Бошқа диёрлардаги мусулмонлар ўзларига етиб борган мужтаҳид уламоларнинг мазҳабларида турсинлар. Менга эргашган мусулмонлар ҳам, уларга эргашган мусулмонлар ҳам, иншооллоҳ, ҳидоятда, ҳақ йўлда бўладилар". Имом Моликнинг Амиралмўъмининга берган жавоби шундай бўлибди.

Бизларга 1000 йиллар давомида Имом Аъзам мазҳабидаги таълимот берилди ва шунга биноан бу таълимотга ота-боболаримиз амал қилиб келдилар, биз ҳам амал қилмоқдамиз. Лекин орамизда бизнинг мазҳабимиздан кўра қувватлироқ мазҳаб бор экан, мана бу масалада бошқа мазҳабнинг ҳужжати қучлироқ экан, деб юрувчилар ҳам йўқ эмас. Шундай кишилар Имом Моликнинг гапларини бир эсласалар, мусулмонлар орасига парокандалик тушиб қолишига, ўртада ихти-лофлар пайдо бўлишига мана шундай ўйланмасдан айтилган гаплар сабаб бўлишини инсоф билан тафаккур қилиб кўрсалар, ёмон бўлмас эди. Мана шунда бу диёрдаги мусулмонларнинг иттифоқлиги, оға-ини, биродарлик билан Оллоҳ тао-лонинг буйруқларида қоим бўлиб, жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан башорат қилинган улуғ зотнинг — Имом Аъзамнинг мазҳабларида бўлишимиз ҳар биримиз учун бир хайрият, яхшилик бўлишини яхши англаб олсак, хаммамиз учун ҳам фойдали бўлади.

Суҳбатимизда ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларидан баъзи лавҳаларни баён қилиб бердик, холос. Оллоҳ таоло ўтганларни ўз раҳматига олсин. Сиз билан бизни, ҳоли ҳаётдаги барча мусулмонларни Оллоҳ таоло ҳақ йўлдан адаштирмасин. Омин!