forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => Zamonaviy o'zbek she'riyati => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 16 Iyun 2011, 18:55:31

Nom: Jahondor Bo'riyev. Taajjub
Yuborildi: AbdulAziz 16 Iyun 2011, 18:55:31
Jahondor Bo'riyev. Taajjub

(http://www.ziyouz.com/images/books/jahondor.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1217)

Muallif: Jahondor Bo'riyev
Hajmi: 836 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1217)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=5986.0)
Nom: Re: Jahondor Bo'riyev. Taajjub
Yuborildi: Ziyolee 14 Sentyabr 2011, 20:28:05
ЖАҲОНДОР БЎРИЕВ

ТААЖЖУБ


ШЕЪРЛАР

ТОШКЕНТ
«ЧЎЛПОН»
НАШРИЁТИ

Миллий қадриятларни тараннум этиб, ўсиб келаётган ёш авлодда ватанпарварлик ва фидойилик туйғусини янада кучайтириб, истиқлолни ва порлоқ келажагимизни шарафлаш ниятида тузилган ушбу китоб Ўзбекистон мустақиллигининг 7 йиллигига бағишланган бўлиб, у Республика Матбуот қўмитаси ташаббуси билан Ижарадаги Тошкент матбаа комбинати ҳомийлигида чоп этилди.

Жаҳондор Бўриев 1981 йили Тошкентда таваллуд топган. Республика Навоий номидаги нафис санъат лицейини тугатиш арафасида.
Жаҳондор шеър машқ қилиш билан бирга инглиз, араб тилларини пухта ўрганишга аҳд қилган, рус тилини мукаммал билади.


НАВРЎЗ

Ўйнашар шоду хандон,
Қулоч ёзиб ҳар томон.
Ёшу қари мисоли
Қарчиғаю полопон.

Табиат ясангандай,
Янграр ногораю най.
Келди деб гўзал наврўз,
Бутун олам тўйга шай!

Аҳли олам дилрабо,
Чеҳраларда нур, зиё,
Ҳар хонадон ободу
Доим тинч бўлсин дунё!


ЯНГИ ЙИЛ ҚЎШИҒИ

Безатилган арчамиз,
Атрофида барчамиз,
Ўйнаймиз шоду хандон,
Янги йил келган замон!

Республикам мустақил,
Ўзбек тили – она тил
Соғ баданга соғ ақл
Олиб келар янги йил!

Истиқлолинг муборак,
Хуш иқболинг муборак,
Ўн иккита юлдузу
Бир ҳилолинг муборак!

Ҳумодан кўтариб туг,
Ўзбекистоним қутлуғ —
Бўлсин сенга янги йил,
Гуллаб-яшна муттасил!


ЎЗИДАН ЮКИ КАТТА

Чумоли —
Ишчан жонзот,
Кечирар
Тўкис ҳаёт!
Еб ётмасдан
Ташийди,
Уйига
Топган заҳот.
Боқ,судралар
Чумоли,
Гўё йўқдай
Мажоли.
Елкасида
Чигиртка,
Ўзидан
Қирқ бор катта!

ШИРИН ХАЁЛ

Юмронқозиқ
Юрар эди,
Ширин хаёл
Сурар эди:
«Қолмаса ҳеч
Йиртқич ҳайвон,
Яшасайдим
Тинч, беармон».


МУЛОҚОТ

Янтоқман —
Чўл гиёҳи,
Туяга ёқар
Исим.
Қирқ газ ернинг
Остига
Етган менинг
Илдизим.
Нортуя дер:
«Саҳрода
Унганинг
яхши, Янтоқ.
Сен бўлмасанг
Нима еб,
Яшар эдим
Мен қандоқ?»


ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЭНГ ЗЎРИ

«Фил
деганлари
Шуми?!
Ўхшаш
Хартуми,
Думи!
Қулоқлари
Шалпайган,
Пешонаси
Ялпайган»,—
Деб сўради
Маугли.
Ҳа, деди
Она Бўри.
Ҳайвонларнннг
Энг зўри,
Ўкириб
Юргувчи Фил,
Умр кўради
Юз йил.


ҒОЗНИНГ ҒУРУРИ

Ғозман —
Бўйни дарозман,
Хушхиромда
Устозман.
Ҳамшира —
Аёл-қизлар,
Балетдаги
«Юлдузлар»,
Ва пазанда
Йигитлар,
Амалдорлар —
Зўр китлар.
Кимда бўлса
Нозик дид,
Этгайдир
Менга тақлид.


ТААЖЖУБ

Қўнғиз
Қумалоқдан
Шод,
Лимонни
Қилмагай
Ёд.
Тоқ мугузи
Кичкина,
Думалатар
Жимгина.
Таажжубки
Қўнгизча,
Ўхшар митти
Тўнғизга!


ШЕРНИНГ ХАЁЛИ

Шер ухламас,
Мизгирди,
Ўйи ҳар ён
Изғирди:
«Мен ҳайвонлар
Шоҳиман,
Таянчу
Паноҳиман.
Оч қолсам
Чиқгум овга,
Ташлангум
Қўрқмай ёвга!»


ЎРГАНАРМИШ...

(Анвар Обиджонга ўхшатма)

Ўрдакман,
Югурдакман,
Ўша қари
Таннозга,
Хат олиб
Кетаяпман,
Ундан Даканг
Хўрозга.
Эй худо,
Товуққа ҳам
Ақл бериб
Ярат-э.
Хўрозни
Таклиф қилиб,
Ўрганармиш
Каратэ!


ҚАРҒАНИНГ ОРЗУСИ

Ҳакка келди,
Зоғ келди,
Қарғалар
Бир боғ, келди.
Учиб келиб
Ола зоғ,
Боғда сайради
Қоғ-қоғ!
Мазмуни
Қишда бисёр,
Капалаб
Отамиз қор.


СИЧҚОНБЕКАНИНГ ҲАСРАТИ

(мультфильмни кўриб)

Сичқонбека,
Сурар хаёл,
Юрар ғамгин,
Бечораҳол.
Нолиб аччиқ
Қисматидан
Дер эди: «Йўқ
Менда иқбол.
Манглайим шўр,
Кўркаламуш
Буюради
Ҳар хил юмуш.
Ўғирласам
Омбордан дон,
Еб қўяди
Ўша замон.
Бир маҳаллар
Довдир Тўнғиз,
Чўккан эди
Қаршимда тиз.
Ялинганди
Менга тег, деб,
«Билсанг мен ҳам
Пулдор бег» — деб,
Лекин қолди
Қилиб «хур-хўр»,
Олиб қочди
Мени бу кўр.
Ишлатади
Доим алдаб,
Йўқ десам
Қийнар калтаклаб,
На отпуска бор,
На декрет,
Тугаётирман
Кетма-кет!
Жонга тегди
Бундай турмуш.
Ўлиб кетсин
Кўркаламуш!»
Шу пайт битта,
Мавлонпишак,
Бамисоли
Ҳанги эшак.
Миёв дея
Келди нохуш,
Қочолмади
Куркаламуш.
Сичқонбека
Тўқол қолди,
Ундан шундай
Мақол қолди:
«Эр азоби —
Гўр азоби, —
Ундан ёмон
Экан туллик.
Севар ёринг
Кўз юмса гар,
Барчаси экан
Бир пуллик».


ОЧИҚ ХАТ

Ҳаккаман,
Олаҳакка,
Юраман
Доим якка.
Бир қадрдон
Дўстим йўқ,
Юракдан
Дардлашмакка.
Амалдан
Кетган куним,
Дуч келдим
Илк юмгакка.
Мен ҳақимда
Ҳажвиёт
Ёзибди бир
Шумтака.
«Паррандалар
санъати...»
Газетида
Босилган,
Чумчуқнинг
Очиқ хати
Мени шарманда
Қилган.
Мана тўлиқ
Келтирай,
Ўқиб кўринг
Ўзингиз,
Менга керак
Бу ҳақда
Холис фикр
Сўзингиз:
«Ҳакка билан
Ҳапалак,
Ўғирлади
Ҳандалак».


ФАРРУХ — ҚУРУҚ

Айланиб юрар Фаррух,
Доим чўнтаги қуруқ.
Гулига дер:
— Бер пишта
Адам келсалар ишдан
Бейадилар живачка
Бий ҳовуч иккимижга.
Гули дер:
«Алдаб мени
Сўриб хўрозқандимни,
Қочган эдинг ёлғончи,
Сенга йўқдир ишончим»


ЁРҚИН — УРУШҚОҚ

Уришар Ёрқин,
Тиришар Ёрқин,
Калтак еб, афти
Буришар Ёрқин.
Тўқ эди Ёрқин,
Шўх эди Ёрқин.
Солишмаган кун,
Йуқ эди Ёрқин.
Зўр эди Ёрқин,
Ғўр эди Ёрқин.
Шиори доим:
«Ур» эди, Ёрқин.
Лекин бир куни
Қаттиқ урилди,
Тўқсон градус
Четга бурилди.
Сўнг бўлди Ёрқин,
Юмшоқ ва ҳалим,
Унга камина
Берганди таълим!


БЎРИ — ҲАКАМ

Айиқполвон —
Дарвозабон.
Ҳимоячи —
Арслон.
Бўри — ҳакам,
Яшил майдон.
Ҳужумчи —
Ғилай қуён.
Марказ бўйлаб
Ёриб ўтгич
Бош ҳужумчи —
Каркидон.
Ҳамда ярим
Ҳимоячи —
Иккита
Олачопон.
Рақиблар — қўй,
Оғиркарвон,
Калла қўяр
Етган он,
Ҳуштак,
Қарсак,
«Урра» дея
Олқишларди
Оломон.
Сўнгги голни
Думи билан,
Уриб киритди
Қоплон!
Сур қўчқорнинг
Жаҳли чиқиб
Қувиб кетди
Тулкини,
Ёқтирмасди
Жиддий ҳакам
Бундай пайтда
Кулгини
Ҳуштак чалиб
Қизил патта
Кўрсатди
Сур қўчқорга
Ўйинбузар
Жазонг шу, деб
Опкириб
Еди ғорга!


СИЗЛАРДАН ИШОРАТ

(Телетанловда 1-ўринни олган шеър)

Сизлардан ишорат, биздан қўшиқ-куй
Бўлсин-эй юртимда тўй устига тўй
Сизни тарк этмасин яхши орзу-ўй
Истиқлол туфайли қозондинг обрўй.
Юртим Ўзбекистон, яшнаган чаман,
Буюк давлат дея жаҳон олди тан!

Аждодлар тарихи ғуруримизда
Турку, форсу араб дастуримизда,
Юлдузлар акс этар кўз нуримизда
Буюк санъаткорлар ҳузуримизда.
Иброҳим Тотлисас, хушовоз Гугуш
Шерихон Хуршидлар куйлагани хуш!

Сизлардан ишорат, биздан куй-наво
Ғижжаку, танбуру, дутору сато,
Авжга чиқиб агар таратса садо,
Ўзбек санъатидан лол қолгай дунё.
Дунё санъатига бўлсангиз шайдо,
Сизлардан ишорат, бизлардан ижро!


ТИНЧЛИК

Пишиқ ғишт ё синч бўлсин,
Доим уйинг тинч бўлсин,
Кўзингда севинч бўлсин,
Тилайман сенга тинчлик!

Баҳорда майса-кўкат,
Ёзда унади нўхат,
Кузда етилар шарбат,
Тилайман сенга тинчлик!

Юрт кезсин савдогарлар,
Кўпайсин сийму зарлар,
Ҳар оқшому саҳарлар,
Тилайман сенга тинчлик!

Йўқолсин ватанфуруш,
Бўлмасин ҳаргиз уруш,
Ухла кўриб ширин туш,
Тилайман сенга тинчлик!

Яшнасин рўйи жаҳон,
Гулласин Ўзбекистон,
Ким бўлма ҳар бир инсон,
Сенга тилайман тинчлик!


БЎРИДАН ҚЎРҚМАГАН ХЎТИК

Рўйи замин катта майдон,
Унда ҳар ким ургай жавлон.
Кўп жонивор ичра дик-дик,
Ўйнаб юрар битта хўтик.
Дилида йўқ ҳадиклардан,
Ул антиқа хўтиклардан.
Гўзал хаёлу ўйи бор,
Бармоқча каби бўйи бор.
Иши йўқ ҳеч ҳайвон билан,
Ўйнашади сичқон билан.
«Иа-иа» ҳанграб ҳар гал,
Ўқигандай бўлар газал.
Ён босиб гоҳ бўталоққа,
Борар у бирла ўтлоққа.
Тўйгунча ўт чайнаб қўяр.
Қорни тўйгач «айнаб» қўяр.
Кўринганда бир кун бўри,
Бўталоқнинг қурди шўри.
Энасига томон қочди,
Туябиби заҳрин сочди:
— Ҳей, Бўривой, бу қандай гап,
Бутавойим чўчибди зап.
Бўри деди замон оғир,
Ўз йўлимда ошардим қир.
Кўриб қилса Бўтанг ҳадик,
Қўрқмади-ку мана хўтик.
Туябиби жимиб қолди,
Бўталоғи эмиб олди.
Бўри деди мағрур хўтик,
Қаддингни тут доимо тик.
Йўлиқмагин ҳеч мерганга,
Раҳмат сенга ем берганга!


МАСАЛ

Бир совуқ хабарни келтирди Маймун,
Увлади ҳасратдан Шоқол жигархун.
Бўрсиқу, Жайраю, Тўнғизу Юмрон,
Тулкию, Маймуну бақалоқ қуён.
Ташвишда, қуриди аъёнлар шўри,
Шерхонга мадҳия ёзибди Бўри.
Шеърини ўқиган чоги жаноб Шер,
Шубҳасиз ўзига вазир бўлгил дер.
Келса гар саройга у булиб катта,
Бизнинг думимизни тугар албатта!
Ҳайвонлар қилишди зимдан маслаҳат,
Бўрининг шеърини аямай фақат,
Сиёсий хато деб урайлик ерга,
Валлоҳки ёқмасдан қолади Шерга.
Шеърини кўтариб келганда Бўри,
Бечора шоирнинг қуриди шўри.
Уни ўраб олиб бир тўда ҳайвон,
Дедилар: «Шеърингдан ғазабда Шерхон.
Ўйлайман қилибсан биринчи хато,
Шу боис оласан енгилроқ жазо.
Берухсат Шерхонга ким битса ғазал,
У зотнинг жазоси бўлгуси ажал.
Афсус, шоирларни ўлдириб бўлмас,
Бўлмаган ишни ҳеч бўлдириб бўлмас.
Хулоса шу бўлди, қуриди шўри,
Ўрмондан бадарға қилинди Бўри.


КЎРГУЛИК

Икки одам қуда бўлди,
Улар эди қариндош.
Қисмат экан келин ўлди,
Куёв қолди сўққабош.
Норасида икки гудак,
Етим қолди онадан.
Маломатлар кўрди бирдак,
Дунёйи вайронадан.
Икки бобо, икки момо,
Турфа меҳр кўргузди.
Бу фалакни қаранг аммо,
Ўзгача найранг тузди
Марҳумадан етимларга
Не ҳам қолди?
Бир сандиқ.
Кўрпа-тўшак, кийимларга
Боқманг, мисли ташландиқ.
Она томон ювмоқ учун
Дилдан ғамли чандиқнй.
Олиб кетди, келиб бир кун
Ёдгорлик деб, сандиқни,
Ота томон индамади,
Олсин, бошдан садақа.
Марҳумлардан расамади,
Бўлмаган ҳеч бунақа.
Она томон неваралар,
Ҳоли зорин сўрмади.
Бир йил ўтди «бечоралар»
Келиб бир бор кўрмади.
Инсон борки, жигарим деб,
Ўртанади, куяди.
Инсон борки, зеварим деб,
Зеб-зарини суяди.
Йиллар ўтди, чолу кампир,
Тубанликка юз тутди,
Кута-кута икки сагир
Уларни ҳам унутди.
Қизим ўлди, — деди момо.
Бобо деди, нетайлик?
Буюмларин хор қилмай то
Юргил олиб кетайлик.
Бобо деди, бўлмас, кампир,
Беришмаса шарманда.
Неваралар бор-ку ахир,
Айнибсан қариганда.
Момо деди, эрта-индин,
Уйланар бир аёлга.
Соҳиб бўлса гайри, қийин
Қизим тўплаган молга.
Чолу кампир зуваласи,
Эди асли бир жойдан,
Ичда одамнинг оласи.
Қўрқмаса гар худойдан.
Пойлаб юриб, уй кимсасиз
Қолганида икковлон.
Кириб келди, э, воҳ, сассиз,
Очиқ ётар хонадон.
Аравага кўрпа-тўшак,
Кийим-кечак, гиламни,
Пиёлаю синиқ чойнак
Ҳатто ташландиқ шамни —
Бир зумдаёқ ортишдию,
Ўлжа билан қайтишди.
Етимлар на тортишдию,
На бирор гап айтишди.
Қўрқиб, писиб мўралашди,
Ҳовлининг бир четидан.
«Уйимизни ўгирлашди», —
Деб ўйлашди кетидан.
Йиллар ўтди, ота томон
Гапирмади сурпасиз.
Етимларни кўрдим ҳамон
Юпун ётар кўрпасиз.
Не кўргулик, эсиз ахир,
Сўрмай етим ҳолини,
Ўғирласа чолу кампир,
Невараси молини.


СУЗ УСТАСИГА

(Ўткир Сиддиқовга бахшида)

Сухандон сўзидан товланиб ранглар,
Етар юракларга шеърий оҳанглар.
Ўйлар оғушида сўзлагай сармаст,
Тарих лавҳасига бўлажак пайваст.
Кимки ҳақ лутфидан баҳравар эрур,
Ишқдан кўнгил мулки мунаввар эрур
Рашку надоматдан баҳона излар,
Севилиб севмаган тошбагир қизлар.
Иффату ғунчада бордир ўхшашлик,
Дардлар тугунидан ҳар дилда ғашлик
Дўппи топилади омон бўлса бош,
Итга суяк беринг, эгасига ош.
Қолгани одамнинг ўзига боглиқ,
Ошиқларнинг дили севгидан доглиқ.
Вафо иқлимидан юритганда сўз,
Гуноҳга ботмагай ҳар бир қоракўз,
Асло келтирмасдан ҳақиқатга шак,
Сўзда суханвардек лозим яшамак!


БУРГУТ

Ёш бургутча айлади парвоз,
Юксакларга кўтарилди у.
Қанотлари пўлатдан ҳам соз,
Ашъорларда битилган туйгу.
Сузар эди фазода магрур,
Булутларга суқиб бошини.
Ажал ели эсдию қурғур,
Чақиб қўйди чақмоқ тошини.
Қулаб тушди ерга иссиқ жон,
Мажруҳ бургут кўтаролмас бош.
Тумшуғидан томчилайди қон,
Кўзларидан сўнмоқда қуёш.
Фожиага тўла бу само,
Яшин уриб қаноти синди.
Ёш бургутча учолмас, аммо,
Боши билан кўкка талпинди.


БЎРИ

Ўрмонда кўп ёвуз ҳайвон,
Подшоҳи Шер, вазир Қоплон.
Тулки, Қуён, Айиқполвон,
Жайрахону Типратикон.
Лек уларнинг асл зўри,
Одамзотнинг дўсти — Бўри.

Дуч келганда Фил ва Йўлбарс,
Солишади доим тарс-тарс,
Мева топса Маймун галварс,
Қарсиллатиб чайнаркарс-карс.
Пишганда ҳам нок, олхўри,
Қайтиб қарамагай Бўри.

Қорни шишиб ғилай Қуён,
Олмахонга берар фармон,
Келса тушликка Бўрижон,
Бориб келтирсин иссиқ нон!
Ношудники давра тўри,
Хизмат қилар тинмай Бўри!


ХАЁЛПАРАСТ

Бошлиқ: — Халқ дилини овлаб чиқасиз овга,
Мен деб курашасиз ушбу сайловда.
Ходим: — Сайловда ютсак гар ётларни босиб,
Бўлажак қай рутба бизга муносиб?

Бошлиқ: — Сизга бахт курсиси эрур мунтазир,
Бўласиз матбуот бўйича вазир.
Ходим: — Бу режа хавфлидир, фош бўлса агар,
Сизнинг думингизни ишбоши тугар.

Бошлиқ: — Жўжани санайди одамлар кузда,
Улардан каммасмиз обрў, нуфузда.
Ходим: — Ишбоши бўлса бир улуг паҳлавон,
Сиз анинг наздида бир мири мушон.

Бошлиқ: — Мири мушонингиз не эрур ахир?
Садоқатли шогирд, айтинг тутмай сир.
Ходим: — Сичқонлар подшоҳи деган унвон бу,
Мушуклар билса, оҳ, жуда ёмон бу!

Бошлиқ: — Сичқондан баттар бу қора халойиқ,
Фақат мен бу юртда шоҳликка лойиқ.
Ходим: — Шу қора халқ сизни боқмоқда, тақсир,
Бунча огзингиздан ёмон гап сасир.

Бошлиқ: — Тўгри гап отангга ёқмас дейдилар,
Ношукур ходимлар бошинг ейдилар.
Ходим: — Баҳарҳол етарли биз учун ошлиқ,
Шарманда булмайлик яна, эй бошлиқ.

Бошлиқ: — Сиз менинг ғояммас, маошга қулсиз,
Нуқул игвогарлик билан машгулсиз.
Ходим: — Тан олгум сиз билан ишлаб бир қадар,
Таълимингиз олиб бўлдим игвогар.

Бошлиқ: — Ҳа яшанг, бўлманг-да бундоқ ҳавойи,
Баъзилар дейишар бизни Навоий.
Ходим: — Демак Бойқарога Алишер вазир,
Агар адашмасам шу сизнинг таъбир.

Бошлиқ: — Ҳа, лекин ихлоси қайтдими катта,
Мени қабул қилмас йилда бир марта.
Ходим: — Ким солди орага совуқ аланга?
Бор экан у зотда меҳр Ватанга!

Бошлиқ: — Мажидиддин ҳозир катта вазири,
Унинг илгидадир шоир тақдири.
Ходим: — Ясама «шоир» нинг қандай нафи бор,
Демак Астробод кетиш хавфи бор.

Бошлиқ: — Бу ишни қилмагай ақлли киши,
Менсиз юришмагай эл ичра иши.
Ходим: — Қойилман бир йилда киргизмаса бир,
Иши сизсиз қандоқ юришмас ахир.

Бошлиқ: —Шубҳада ўрнимни олар деб босиб,
Ягона рақибман унга муносиб.
Ходим: — Бахт курсиси булсин ўзгага насиб,
Мен кетдим, орқамдан юрманглар сасиб.

Хулоса: — Бошланиб ўзаро пичир-пичирлар,
Элга ошкор бўлди «сиёсий сирлар».
Бошлиқ савиясиз ғўрлиги учун,
Сиёсий жиҳатдан кўрлиги учун,
Ўзига яраша дўконга кетди,
Қилгани ўзининг бошига етди.
Ким илон фарзандин асранди тутар,
Аждаҳо бўлгач у ўзини ютар.


АСОТИР

Шарқлик донишмандлар сўзлаб асотир,
Демишки нафсини енголган ботир.
Яшаган қадимда подшоҳ Сулаймон,
Довруғи то букун ҳаммага аён.
Ўлпон келар экан юзлаб шаҳардан,
Қасрининг девори кумушу зардан.
Толдан замбил ясаб, сотиб бозорда,
Қорнини тўйгазган шому наҳорда.
Мана ўтса ҳамки неча минг замон,
Унинг бу хислати саналур шоён.


ХЎРОЗ, ТОВУҚ ВА ЖЎЖА, РАИС, ПИРИМ, ХОЛХЎЖА

Саҳар уйғониб хўроз,
Қу-қулаб берди овоз:
«Фақат жўжалар ухлар,
Турсин барча товуқлар.
Бугун чиқамиз ишга,
Кечикманг гўнг титишга!»

Товуқлар:
Қичқирма, даканг хўроз,
Ухлаб олайлик бир оз.
Қоронғи-ку кўчалар,
Ёлғиз қўрқар жўжалар.
Бекорга тухум босиб,
Ётмасмиз, ҳали козиб.

Жўжалар:
Қиздирилганда това,
Биз тушсак хўрозбова.
Қориндор ошпаз ака,
Биздан қилса «табака».
Наҳотки гўнг титишга,
Чиқмасмиз асло ишга?

Хўроз:
Ҳайронман, эй жўжалар,
Тўймас бизнинг хўжалар.
Дастёр бўлган чоғингиз,
Кўйдиради доғингиз.
Ҳаммангизни жип-жиплаб,
Об келиб, ерлар димлаб.

Товуқлар:
Бирлашамиз қирқ товуқ,
Ҳали тушмасдан совуқ.
Келмай Холхўжа аканг,
Йўл бошла хўроз — даканг!
Одамлардан қочамиз,
Тоғда бола очамиз!

Жўжалар:
Бизни товуқойимлар,
Еб кетса аллакимлар.
Қочсангиз хўроз билан,
Ўша хотинбоз билан.
Бўлинг овора кулги,
Тоғда еб кетсин тулки!

Хўроз:
Яхши қолинг, жўжалар,
Сизга тўлсин кўчалар.
Бизлар кетсак олиб бош,
Қайғуриб тўкманглар ёш.
«Эврилиш» бўлар тайин,
Сизни сўймас хўжайин.

Хўроз, товуқ ва жўжа:
Йўлни бўшат Холхўжа,
Бизники катта кўча.
Шошиб кетвобмиз ишга,
Далага, гўнг титишга.
Бориб айт раис ака
Минбаъд емас табака!

Холхўжа:
Раис кетди Қримга
Фармон бериб Пиримга
«Қайтганимча Холхўжа,
Сўйиб емасин жўжа
Ёлғондан тузмасин акт,
Ўлигин қолдирсин факт!»

Пирим:
Ишониб мен — Пиримга,
Раис кетди Қримга
То келгунча Холхўжа
Энди еёлмас жўжа,
Уни айларман кулки,
Ўзим бўларман тулки.

Раис:
Бу тушимми ё ўнгим?
Ҳой фермада юрган ким?
Икки оёқли тулки,
Келарди лабда кулги
Уйғониб кетиб раис
Деди «Бу олам ҳодис!»

Хўроз:
Ҳамманг кетсанг Қримга
Сиғмас эдим теримга
Қолмай товуғу жўжа
Еди Пирим, Холхужа.
Тирик қолмоғим асли
Уларга керак наслим.

Телеграмма (раисдан):
Тошкент бешу нол-нолда
Булгум аэровокзалда
Илтимос, даканг хўроз
Йўлимга чиқсин пешвоз
Ташвиш боиси шулки,
Тушимда кўрдим тулки!

Хўроз:
Қу-қулайман тонг саҳар
Етсин худога хабар,
Раис минган айроплон,
Учолмасин бер фармон
Қолиб кетсин Қримда
Тинч яшай ўз еримда.

Хулоса
Бечора ёлгиз хўроз,
Худога бергач овоз.
Раис қолди Қримда,
Колхоз муҳри Пиримда
Ҳамон бор Холхўжалар
Сўйилмоқда жўжалар!


ТУҒИЛГАН КУН

(достон)

Бошланди мўъжаз достон,
Ён қўшним бош қаҳрамон,
Исми — Собир Тирмизий,
Икки юзи қирмизи,
Олтита боласи бор,
Доим ташвиши бисёр
Эртаю оқшом ишда,
Тинмас ҳам ёзу қишда,
Рўзғори бир ғор экан,
Пешонада бор экан,
Лекин Собир Тирмизий
Икки юзи қирмизи.
Келтирар эди боплаб,
Топган-тутганин қоплаб,
Яшар эди баимкон,
Нолимасди ҳеч қачон,
Ўзига қўйиб бино,
Бормас театр, кино,
Икки ўғил, тўртта қиз,
Улғаярди изма-из.
Болаларнинг ташвиши,
Хуллас, кўп эди иши.
Бир куни тўнғич ўғил,
Қайтди мактабдан хижил
Недандир кўнгли зада,
Деди оҳиста: «Дада,
Синфда бир анъана,
Ташкил айладик яна,
Беш сўмдан синф фонди»,
Дегач, ота тўлғонди.
Баҳор ўтиб қиш келди,
Яна бир ташвиш келди.
Зиёфат, туғилган кун —
Берилгай синф учун ...
Гап тарқалиб оқибат,
Рўзномага кетди хат,
Келиб бир тажанг мухбир,
Суриштирди бирма-бир.
Директор Фатҳи Умар,
Тополмай ўзга ҳунар,
Сўнг тилидан тутилмиш,
Тилхат ёзиб қутулмиш,
Деган эмиш: «Муаллим
Бермоғи лозим таълим,
Турфа ҳунар чиқариб
Хонадонларга бориб,
Яна кўтариб қий-чув
Ичиб «ширин-аччиқ» сув,
Тўпланиб ўлтиришлар,
Қадаҳлар тўлдиришлар
Мумкин эмас, шудир гап,
Таълим макони мактаб».
Фактларни олиб бир-бир
Сўнг жўнаб кетди мухбир
Директорга дер: «Яна
Келса гар Тўраевна,
Ўз фикрини илтимос,
Ёзиб қўйсин бир қоғоз.
Шунга қараб мақола,
Бўлар элга ҳавола».
Директор бир оз маъюс
Дедики, эҳ, минг афсус.
Бу мақола бўлса чоп,
Ҳолимиз бўлар хароб,
Кўнгли учун дер мухбир
Чиқиш-чиқмаслиги сир,
Биз бир ижрочи ахир,
Ҳал қилгувчи муҳаррир,
Мухбир кетдию шов-шув
Таралди ҳар ён дув-дув!
Тамара Тўраевна,
Бўлгани бўлди ҳар на,
Аввал огриди боши,
Сўнг томди кўздан ёши,
Нега ёқмас мухбирга
Ўша юраги кирга,
Чивин ё пашшамас-ку,
Ёки тарашамас-ку,
Туғилган кунин инсон,
Нишонлар, неси ёмон
Йўқдир орада нифоқ
Синфимиз аҳил-иноқ
Бордик доим жам бўлиб,
Қолмадик-ку кам бўлиб,
Бунинг нимаси ёмон,
Нечун ёзар фельетон?
Демак менда қасди бор,
Туҳмат эрур бу ошкор,
Олдини олмаса гар,
Иш расводир муқаррар,
Бордир шундай бир мақол,
Гал келганда қасос ол:
«Ёндошса дегил раҳмат,
Игво қилса, қил туҳмат,
«Қилич кўтарган ҳар чоқ,
Қиличдан бўлгай ҳалок».
Бошига шундай хаёл
Келганда мунгли аёл.
Дилидан тарқаб фироқ,
Турди мисоли «Широқ».
Синф аҳлини жамлади,
Кўзларини намлади.
Деди: Кечқурун мажлис,
Йиғилсин ҳар уғил-қиз.
Ота-она бир бўлиб,
Келсин тогу қир бўлиб,
Масала этилур ҳал,
Йўқса бу ёмон жанжал
Мен туҳматга қоламан,
Ё инфарктдан ўламан».
Унинг кўзи бўлди ёш,
Ёш дилларга ботди тош,
Болалар қасос учун
Бу ишга асос учун
Мухбирни урмоқ бўлди,
Уриб ўлдирмоқ бўлди.
Шундай хаёл-пучлари,
Ёш-да, етмас кучлари.
Обрўйини тўкишди,
Зимдан уни сўкишди,
Соат бўлганда етти,
Ҳамма мактабга кетди,
Мухбирни чақиришди,
Дўқ уриб бақиришди,
Йиглаб ота-оналар,
Қилмоқчийди таъналар,
Уч-тўрт эркин хаёллар
Лўлисифат аёллар,
Мухбирни юлмоқчийди,
Устидан кулмоқчийди,
Буни сездию мухбир,
Бормади, бермади сир,
Узилмас телефон кети,
«Оталар комитети»,
«Кутамиз келинг албат,
Раис Раҳимов Пўлат».
Бу таклиф ҳам унмади,
Мухбир гапга кўнмади.
Охири Содир ака,
Келди қилиб «атака».
«Қилдингми ишни «каша»,
Юр энди, ўзинг оша».
Титрар қулда ҳассаси,
Урушнинг мўъжизаси,
Қўш протез оёги
Урушнинг мангу доги,
Етмагандай унга жанг,
Мухбир ҳолин этиб танг.
Бир ёлғон миш-миш учун,
Бир бўлмаган иш учун,
Кўнглини қилиб яра,
Гиж-гижлаган Тамара...
Мухбир деди, ёзмайман,
Борини ҳам босмайман.
Ҳам бормайман мажлисга,
Алоқаси йўқ бизга.
Кетаётиб Содир ака,
Мухбирга деди, якка,
Масалангни қилиб ҳал,
Биз ёзамиз мукаммал,
Қайтволмасанг сўзингни,
Ўнглолмайсан ўзингни!
Мактабда бўлган мажлис,
Анжумандек олди тус.
Йигирма саккиз она,
Сўз айтди одилона,
Туриб Насима хола,
Деди бор бешта болам
Иккита кенжаси қиз,
Каттаси ўглим Азиз,
Кейин Умид ва Расул,
Богимда очилган гул.
Акасининг пастидан
Унинг жаҳли қасдидан,
Йиғлаб икки ўғил-қиз
Кун бермас эди Азиз.
Бир кун келиб муаллим,
Унга кўп берди таълим.
Тушунтирди, уқдирди
Яхши фикр туғдирди,
Ўшандан буён ўғлим,
Суянчиғим ёрдамчим,
На тўполон қилади,
На жанжални билади,
Тамара опа сабаб,
Ўғлим ўрганди адаб,
Ёзган одам игвогар,
Унга мен ҳам даъвогар,
Ҳовли четин урашга
Темир-терсак судрашга,
На бир иш, тўғриликка,
У балки ўғриликка
Бошлагандир ўглимни,
Вайрон қилиб кўнглимни.
Оборган қурилишга
Кўплар гувоҳ бу ишга».
Қитирлар катта стол,
Тузилмоқда «протокол».
Турди Ҳожиев Асад,
Деди: «Бу игво, ҳасад».
Мухбир ёзган фельетон
Исботи йўқ бир бўҳтон,
Тамара Тўраевна,
Сизга мана биз пана,
Яхши берурсиз таълим,
Йўқдир сиздек муаллим,
7 «а» даги кенжам,
Доим сизларга ҳамдам.
Яхшига ёндошарлар,
Ёмон бўлса қочарлар».
Сўнгра қориндор домла,
Мухбирга қилди ҳамла:
«Асли мухбир бир тентак,
Оқилмас сизу мендак.
Гоҳо копток суришар,
Қўшнилар-ла уришар.
Ёқимсиз гуфтугўйи
Ҳеч қайда йўқ обрўйи,
Касбини билмас киши,
Доим ёзмоқдир иши,
Туҳматчини даставвал,
Судга бермоқлик афзал».
Кейин гапирди Азиз,
Ва Хадича деган қиз:
«Мен директор қошида:
Ҳар хил уй талошида
Ёзиб бергандим тилхат,
Қайтиб олурман албат»,
Сўнг ўрнидан туриб дер,
Тилхат ёзган Алишер:
«Мактабга келган мухбир,
Биздан алдаб олди сир,
Ўқиш, «қайта қуриш» деб,
Бу қанақа «юриш» деб,
Тугилган кун чоғида
Суҳбатнинг қайноғида,
Бўладими ичишлар,
Ёки пинҳоний ишлар...»
Буни тинглаб дарғазаб,
Бузилди элда асаб.
Мисоли қутурган шер,
Пўлат Раҳим туриб дер:
«Тамара Тураевна,
Биз, шунча ота-она
Измингизда юрамиз,
Тоғдек булиб турамиз.
Ўкинманг, ношуд бола.
Ёзиб кетган мақола
Босилмайди ҳеч жойда.
Уриниши бефойда,
«Ёлғиз отдан чанг чиқмас,
Чанг чиқса ҳам донг чиқмас»
Қоғозларга тўлди стол,
Тайёр бўлди «протокол».
Гоҳ қўшиб, гоҳ ўчирилди,
Етти нусха кўчирилди.
Беш саҳифа бир айбнома,
Иловадир 45 нома.
Мухбир, энди ҳолингга вой,
Қилишди-ку ишингни лой,
Кутар турфа идоралар
Сени қилиб оворалар,
Ким туҳматчи, ким ҳақ эрур
Охири аналҳақ эрур.
Кўп азият чекма, аммо,
Бўлмагин ҳамда бепарво.
Мактабдан келиб Хадича,
Кўзёш қилиб олди пича.
Қизин кўриб Абдужаббор,
Олам бўлди кўзига тор,
Сўрсак қайтиб берар албат,
Мухбирдадир ҳали тилхат,
Ота-она ва эрка қиз,
Келаётир юриб ғиз-ғиз
«Агар тилхатни бермаса,
Тўполон қиламиз роса,
Ҳақимизни оп қоламиз,
Ё бир-икки соп қоламиз».
Деган ўйда келар учов,
Мухбир томон мисоли ёв,
Эшик тақиллаган замон,
Мухбир очиб бўлди ҳайрон,
— Қани чиққин, гап бор санда,
Тилхатни қайтар, шарманда,
Чувиллади эру хотин,
Қиз қўлини чўзди олдин:
«Именинам билан мани,
Нима ишинг бордир сани»,
Мухбир кўрса аҳвол чатоқ
Деди майли, яхши, уртоқ.
Эрта билан гаплашайлик,
Дея секин ёпди эшик,
Хотин эрга «ёғдан» сепди,
Эр ловуллаб эшик тепди.
Қулф жаранглаб учиб тушди,
«Ошиқ-мошиқ» кўчиб тушди.
Остонани қилиб ишғол,
Сўка-сўку бўлди сол-сол.
Миршабларга мухбир бироқ,
Қилди кечикмай қўнғироқ
02 ни териб шу он,
Ҳодисани этди баён,
Эру хотин ва эрка қиз,
Чувиллаб қочди изма-из,
Кейин келди миршаб Хўжа
Деди: «Қани бизнинг ўлжа?
Аста тутатиб сигарет,
— Эшик синганми, а, да: нет»,
Эрингандай қараб бир-бир.
Чиқиб кетди билдирмай сир,
Сўнг келишди зеҳни олмос,
Бамисоли Шерлок Холмс.
Бошлиқлари Жумабоев,
Тўрт изқувар мисоли дев.
Ўтказишди текширув акт,
Жиноий иш, етарли факт,
Икки қўшни чекди имзо,
Расул билан Шавкат мирзо,
Ҳодисани ўнлаб карат,
Аксин олди фотопарат,
Мухбир яна ҳайрон бўлди,
Жиндек кўнгли вайрон бўлди,
Қамалиб кетса муттаҳам,
Келар бошимга таъна, ғам
Эшикни тузатса етар —
Кечдим, мендан нима кетар
Абдужаббор юраги муз,
Қўлтиғидан тушиб тарвуз
Гуноҳин олиб бўйнига
Қўл солди Хўжа қўйнига
Хўжа миршаб ювош тортди,
Бор айбни мухбирга ортди,
Олди олгани сир қолди,
Жабр кўрган мухбир қолди,
Мухбирга солиб қатағон,
Таъқибга олди оломон,
Ва устидан қилиб туҳмат,
Ёзишдилар коллектив хат,
Айби қизиққон — ёшлиги,
Ёмон кўрарди бошлиғи.
Оғзининг кўпиги — совун,
Хаёлида ширин қовун,
Оломонга бериб асос,
Мухбирдан у олди қасос.
Фараз қилинг бир корчалон,
Рақибини қилди гумдон,
Берди фармон зўрнинг зўри,
Мухбирнинг қуриди шўри,
Ўйнашмагин арбоб билан,
Арбоб урар ҳар боб билан.
Олишмагин кўплар билан,
Ишинг битказ «хўп» лар билан.
Ўйласанг гар ошлиғингни,
Ҳурмат қилгин бошлиғингни.
Кафт-ла ойни ёпиб бўлмас,
Ҳақиқатни чопиб бўлмас,
Деган гаплар мақол экан,
Мақол эса хаёл экан,
Ҳақ бош гоҳо чопиларкан,
Ой кафт ила ёпиларкан.
Замона зўрники экан,
Ё порахўрники экан,
«Қайта қуриш» исёнида,
Бугунги юрт виждонида
Топилади галамислар
Ниқоб тутиб юрган юзлар,
Ҳақ деб сарсон бўлди мухбир,
Ноҳақ қурбон бўлди мухбир.
Мухбир кўтарган бир гоя,
Афсус, топмади ниҳоя,
Енгиб чиқди Тўраевна,
Ишлаб юрибдилар мана,
Якшанбалар тугилган кун,
Ўтказилар шоду мамнун
Бировларга ёқар аъло,
Ёқмаса ҳам этмас парво,
Пўлат Раҳим дер: «Бу одат —
Эзгуликдир ҳам саодат
Ҳам Тамара Тўраевна,
Кўп меҳрибон аёл яна»,
Мухбир хаёлидан бир гап,
Кетмас эди асло тарқаб:
«Иброҳимов Ўткир отим,
Кўтармайди шароитим
Қачон бўлса «туғилган кун»
Ўғлим қайтади ярим тун,
Хотин бўлса қийнар мени,
Қилмайсан деб «именени».
Агар бўлса яхши маълим,
Ўғлимга ўргатсин таълим,
Қуёш чиқиб, кун ботади,
Тирик бўлсак тонг отади.
Болаларнинг хаёлида
Ҳар якшанба тимсолида
Кўрдингизми тугилган кун,
Яна кимдир бўгилган кун.
Оталар бор нон бергувчи
Фарзанд учун жон бергувчи
Қийналади биров лекин,
Биров эса топар текин,
Синф нима, мактабни ҳам,
Тўйгазади юлгич «акам».
Сен эса-чи содда мухбир,
Билмайсанки, қаерда сир?
Ҳақиқат деб қилсанг «жанглар»
Сени ютди бу наҳанглар.