forum.ziyouz.com

Kutubxona => O'zbek adabiyoti => O'zbek nasri => Mavzu boshlandi: AbdulAziz 23 Avgust 2011, 13:13:39

Nom: Xurshid Do'stmuhammad. Hijronim mingdir mening (qissa)
Yuborildi: AbdulAziz 23 Avgust 2011, 13:13:39
Xurshid Do'stmuhammad. Hijronim mingdir mening (qissa)

(http://ziyouz.com/images/books/hijronim_mingdir_mening_ziy.jpg) (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1277)

Muallif: Xurshid Do'stmuhammad
Hajmi: 3,97 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
(http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif) Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=1277)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=6165.0)
Nom: Re: Xurshid Do'stmuhammad. Hijronim mingdir mening (qissa)
Yuborildi: Muhammad Sanjar 30 Yanvar 2012, 21:11:15
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

ҲИЖРОНИМ
МИНГДИР
МЕНИНГ


Қисса


Инсон қалбининг энг нозик, энг дахлсиз, энг эрка туйғуси – муҳаббат! Ёзма ижоднинг энг самимий, энг сирли ва энг жозибали шакли эса – мактуб. Муҳаббат жозибасию ceҳpини баён этишда мактубдан кўра. қулай ва табиий шакл йўқ.
Азиз китобхон! Қиссадаги мактубларни Сиз ёзгансиз, уларнинг бари Сизники. Ишонаверинг, қиздир-йигитдир, истаган киши бундай ишқномани битишга қодир. Фақат бунинг учун, кўнгил беғубор севги сурурию бокира муҳаббат изтиробини бошдан кечирган бўлса бас.
 Муаллиф

 
Ҳеч кима маълум эмас
 ҳоли паришоним менинг.
 Машраб

1

... асл гавҳар қандай бўлишини биласизми? “Дур, ёқут, марварид” дерсиз. Тополмадингнз, тополмайсиз ҳам. Одамлар одатда ўзлари етишолмаётган, қўлга кирита олмаётган нарсаларни шу қадар яхши биладилару, ёнгиналаридаги бойликнинг ёки топилдиқнинг фарқига бормайдилар, қадрига етмайдилар.
Нимага шаъма қилаётганимни сездингизми? Жавоҳирнинг асили дур ёхуд марварид эмас, асло, жавоҳирнинг асили – Сиз, Сизнинг ўзингиз!..
Сизни биринчи бор учратганимда қандай аҳволга тушганимни айтай: кўнглингизга олмангу, Сизга бирров кўз ташлаганимда манглайингиз, яноғингиз, юзингиз бу қадар оппоқлигини кўриб, ичимда, “Бундай қизнинг қалби тонг шабадасидек беғубор бўлади” деб юборганман. Қўл узатиб, ўзимни таништирмоққа чоғланганман ҳам, лекин…
Орадан йиллар ўтди. Биласизми, мен ҳеч кимдан бегонасирамайман, етти ёт бегона билан ҳам зумда тил топишаман. Сизга эса юрак ютиб оғиз очолмадим. Сулув чеҳрангизни эмас, сулувликни кўз-кўз қилаётган – чеҳрангиздаги нурдек оқликни кўриб ақлим шошиб қолган.
Ҳар кишида то умрининг охиригача гўдаклик туйғуси сақланади. Билмадим, ўша дамда гўдаклик ҳисларим жунбушга келдими, илинж, хавотир ва армон аралаш тушуниксиз бир майл хаёлимга тирғалди: “Мен шу оқликка лойиқманми?” деган шубҳали савол юрагимга ханжардек ботди.
Ўша ханжарни ҳали-ҳануз суғуриб ололганим йўқ...
Бу қадар таъсирчанлигимдан ҳайрон қолдим. Ётсам ҳам, турсам ҳам – тушимдаю ўнгимда шу савол таъқибидан қутулолмадим. Ўзимни ҳарчанд чалғитмай, сўрадим-сўрайвердим:
Мен шу покликка лойиқманми?
Мен шу покликка лойиқманми?
Мен шу покликка...
Аслида танимаган-нетмаган қизга кўнгил қўйишни тасаввур қилолмайман, шу боис, мен даставвал Сизга нисбатан эмас, Сизнинг юз-кўзингиздан, босиқ ва доимо ерга тикилган нигоҳларингиздан таралаётган оқликка нисбатан жуда-жуда ожиз, нотавон ҳис қилгандим, ўзимни. Ва ана шу, айтдим-ку, тушуниксиз ва нотавонликдан халос бўлиш чорасини излашга киришдим.
Хат кўнгил кўприги, бу кўприк икки киши учун бунёд этилади, унга шу икки кишидан бўлак ҳеч ким қадам босмайди ва унга бегона назар ҳам тушмаслиги керак. Чунки икки кўнгил тўридаги энг бокира, энг эрка орзу-армонлар ушбу кўприк – мактуб воситаси-ла йўлланади. Парвардигор умр берса, фақат ва фақат Сизга изҳор этишим мумкин бўлган ўйларим сира-сира адоғига етмайди. Самимиятимни тўғри қабул қиласиз деган умиддаман...
Ёшликми ё ғўрликми, ҳар қалай маъсума қизларга рўпара келсам ўзимча, “Худо бунинг қадрига етадиган турмуш ҳамроҳини учратсин-да” дея илтижо қилар эдим. Одамларга – таниш-нотанишлигининг фарқи йўқ – ҳамма-ҳаммага бирдек бахт тилайман. Инсон учун оилавий бахтдан кўра улуғроқ саодат йўқ. Аёл-қизлар учун эса, эҳ-ҳе-е!..
Сизни биринчи бор учратган кезларим оиланинг бахтиёрлиги шунга боғлиқ деб тушунар эдим. Сиз каби қизлар қўли косов, сочи супурги бўлиб, қадр топмай яшамаслиги керак деб ўйлаганман. Яширмай, бордию, Сиз билан топишиш бахтига муяссар бўлсам гард юқтирмасликка, шоҳи либосларга ўраб, бегона кўзлардан асраб-авайлаб, сочидан… қошидан… бўйнидан… оёғининг момиқ бармоқларидан айланиб-ўргилиб, биллур ва чинни идишлар қатори ясате-еб қўяман дея аҳду қарор қилганман.
Кулманг, орадан шунча йил ўтса ҳамки, қарорим ўзгаргани йўқ, аксинча, Сизга нисбатан кўнглимнинг туб-тубида туғилган тушуниксиз майл юрагимнинг зарбаси қатори доимий ҳамроҳим, йўлдошимга айланган…

* * *

Хатингизни такрор-такрор ўқидим. Кулдим, ўйга толдим. Жавоб ёзиш-ёзмаслик мулоҳазасида бошим қотди. Нима учун Сизга хат ёзишим керак?
Саволим оғир ботмасин.
Яхши рассом эканлигингиз, ғалати-ғалати суратларингизни кўтариб кунда-кунора хонамизга кириб келишингизни, асарларингиз ҳақида ҳаяжонланиб хикоя қилишингизни эсладим. Баъзан кириб, лом-лим демай жимгина ўтириб, сўнг индамайгина чиқиб кетар эдингиз, лекин аксари суҳбатларингизга қулоқ солиб ўтириб, ҳар қандай мавзуда ўта самимият билан фикр юритишингизга ҳайрон қолар эдим, Баъзан суҳбатингизга аралашгим, кўнглимда туғилаётган мулоҳазаларимни айтгим келар эди, лекин менинг ўйларим Сизнинг суҳбатларингиз олдида жуда жўн, тинглашга арзимасдек туюлар, уялиб қоламан деган хавотирда тилимни тишлаб қўя қолар эдим.
Ёдингизда бўлса, ўшанда ҳам асил жавоҳир, асил дур, асил гавҳар ҳақида сўрагансиз. Мен жавоб беролмаганман. Мана, яна ўша савол...
Жавобингиз мени ҳайрону лол қолдирди. Уни ўқиб, рости, саросимага тушдим.
Сизга нечун керак бўлиб қолди мени дуру жавоҳирнинг асилига ўхшатиш? Менинг чеҳрамдан таралган (чиндан шундайми?) оппоқ нур не сабабдан Сизгагина кўрина қолди?
Ўйлаб ўйимга етолмаяпман...
Ҳис-туйғуларимни таҳлил этишдан ҳам тоймабсиз. Тўғри, ҳаётда ҳеч кимсага ёмонлик соғинмаганман, бирон кимсанинг кўнглига озор етказишдан жуда-жуда қўрқаман. Бироқ, Сиз таърифга лойиқ хислатларни мендагина кўрдингизми? Ахир Сиз бегонасиз...
Сиз келтирган суратлар хонамиздагиларнинг барчасига бирдек ёқмаса ёқмас эдию, лекин ҳеч ким уларга бефарқ, лоқайд қарамаган. Биз қизлар бир-биридан қизиқарли суҳбатларингизга маҳлиё эдик. Ҳаммамиз Сизни бирдек самимий ҳурмат қилардик. Айниқса, аёл-қизларни кўкларга кўтаргувчи мақтовларингиз... нозиктаъблигингиз, одобингиз бизларни ҳайратга солар, хайрлашиб хонадан чиққан замонингиз Сиз ҳақингизда ғийбат бошлаб юборар, ўзимизча Сизга муносиб келин топар эдик. Фақат рассомлар бетайин, ғалати феълли бўлади деган гаплар гоҳ кулги, гоҳ жиддий алфозда суҳбатимизга илашиб қоларди. Яширмай, бундай асоссиз таъналар баъзан менга оғир ботса-да, ичимдагини сиртимга чиқармаганман. Бу қадар кўнгли очиқ, мулоҳазали йигит, касбидан қатъи назар, одамнинг қадрига етади, деб ҳисоблаганман.
Одамнинг қадрига ета билишдан кўра улуғроқ саодат бўлмаса керак дунёда! Ҳар қандай оиланинг бахти, мустаҳкамлиги эр-хотин бир-бировини қадрлай олиши билан ўлчанади. Бу ҳақдаги фикримиз бир хил экан...
Хатни меҳр билан ёзибсиз. Самимий туйғуларингизни сездим. Ўқиётиб, хонамиздаги мароқли суҳбатларингизни кўз олдимга келтирдим. Кўнглимга беғубор енгиллик қўнди. Шунга ҳам раҳмат...

2

... унча-бунча одам дўпписини осмонга ирғитадиган янгиликлардан қувонавермаслигимга баъзан ўзим ҳам ажабланаман. Лекин Сизнинг хатингизни олдиму!.. Вужудимга титроқ югурди, ўқияпману, кўзларимга ишонмайман. “Хатимни жавобсиз қолдирмас” деган умидим чиппакка чиқмади, шунинг ўзи тенгсиз қувонч, мен учун.
Сизлар ўтирган хонага кунда-кунора суратлар олиб келиб боши-адоғи йўқ суҳбатларим билан бошингизни оғритганларимни сира унутмайман. Ўзим нималарни вайсаганим эмас, Сизнинг бош эгиб сўзларимга қулоқ солиб ўтиришингиз, аҳён-аҳёнда бирров қараб қўйишингиз сира кўз ўнгимдан ўчмайди.
Айни суҳбатга қўшилишингиз мумкин бўлган дамларда ҳам сукут сақлар эдингиз, шундай пайтларда аслзода оилада тарбия кўрган кибор қизлардан бўлса-я деган ўйлар кечар эди хаёлимдан. Аҳён-аҳёнда тўсатдан кулиб қарар ва ўша заҳоти жиддий тортар эдингиз. Мисоли ярқ этиб ёниб-ўчган чироқни эслатар эди, кулишингиз. Бир зумлик табассумингиздан ичим чароғон бўлар эди.
Сезармидингиз?..
Мен эса Сизнинг момиқ бармоқларингиз, кафтларингиз, билакларингиздан ҳам чеҳрангизда бўлгани каби садафдек оппоқ нур таралишини кашф этганман. Кашф этганману, кечирасиз, Сизнинг ўзингизни эмас, Сиздан таралгувчи нур сеҳри ва жозибаси сирларини излашга аҳд қилганман.
Парвардигор ато этган бу гўзалликни сезмас эдингиз, ўзингиз. Илоҳий хилқат суратида яратиб, бандалари орасига тушириб қўйилгансизу, ҳеч бир кас кўнгил кўзини очиб Сизга қарамаган, сезмаган. Сиз эса... Ўзингиз ҳам бепарво юравергансиз.
Тасаввур килинг, Сиздаги шу илоҳий тароватни илғаш, ундан баҳра олиш ёлғиз менга насиб этса... Шуни ўйладиму, энтикиб кетдим...
Бахтми ё бошқа нарсами, мўъжизами, бу? Бу ёруғликка лойиқманми?..
Билмадим...
Чеҳрангиздан таралган ойдин нур асирига айландим. Бундайин нурни авайламоқ, қадрламоқ учун эса ўзим бениҳоя покиза, беғубор бўлмоғим шарт деган қapopra келдим.
... не-не донишмандлар қуёш ва ойнинг, беҳисоб юлдузларнинг гўзаллигига маҳлиё бўлмаганлар! Қизиқ, осмон ёритқичларининг жозибаси нимада?
Улар таратаётган нурда.
Башариятнинг оқилу донолари ўз умрларини мазкур нурлар манбаини ўрганишга, уларнинг жамолига етиб боришга бахшида этганлар.
Нега, нима учун?
Жозиб нурлар илоҳ назари тушган жисмда жамланади, зеро, оқ-оппоқ нурда фаришталар гўзаллиги мужассам топади. Қалби чароғон ва гўзал инсонларгина ушбу илоҳий нурни аъзои баданларига жо этадилар, шу тариқа мўъжизаларга қодир нур тоза қалб соҳиблари бўлмиш заминий хилқатларнинг муборак баданларида акс этади... Шундай экан, Сизни дуру жавоҳирнинг асиласига ўхшатишимда муболаға йўқ. Сиздаги ушбу мўъжизага фақат ва фақат тоза кўнгил, беғубор назар билан қараш мумкин, деган қарорга келгандим, ўшанда.
Мен Сиздаги ўзим кашф этган гўзаллик, ҳурлик жозибаси ҳақида ўй суриш учун қалбан покланмоғим шарт эди. Унга муносиб бўлишга аҳд қилдим ва... шаҳардан бош олиб кетдим!..
Айтмоқчи, “Нима учун Сизга хат ёзишим керак?” деган саволингиз ҳам майли, “Бегонасиз” деганингиз пича оғир ботди. Ахир сўзнинг мазмунига қаранг. Сизни яхшироқ, кўпроқ тушунган ва бошқалардан кўра самимийроқ эъзозлай билган киши бегона саналадими?.. Худо Сизга ато этган гўзалликни пайқаган ва уни беҳад қадрлашга аҳду паймон қилган одам гуноҳкорми?.. Унинг гуноҳи Сизни кўнгил кўзи билан кўра олганидами?..
Айтинг, ҳyp қизларгагина насиб этадиган Сиздаги бокира туйғулар чашмасини илғай олган одам Сиз учун бегонами?..
Ниятим битта, холос – Сизга бегона эмаслигимни билдириш! Йўқ, асло, жуда-жуда яқин одамингизман! Шуни билиб қўйсангиз кифоя...

* * *

... хатингизни ўқиб, ўзимни қўярга жой тополмадим. Ахир мен қиз боламан. Қиздир, аёлдир – ожиза. Ҳарчанд вазмин бўлмай эҳтирос, ҳаяжон, меҳр-эъзозга тўла сўзларингиз қаттиқ ўйлантирди, ҳайратга солди. “Дуру жавоҳирнинг асили”, “Парвардигор ато этган гўзаллик”, “Илоҳий хилқат”... Бундай таърифу тавсифлар ҳар қандай аёл-қизга ёқади. Фақат мен Сиз таърифлаганчалик эмасман. Ожизаман. Мени бунчалик улуғлаётганингиз боисини тушунолмаяпман.
Ўз суҳбатларим билан жонингизга текканман, деб ёзибсиз. Бундай эмас. Ҳамхоналаримизнинг бирортаси бундай хаёлга бормаган. Мен-ку, жон қулоғим билан тинглар эдим... Тўғри, ҳайратимни ошкор қилавермаганман, лекин айтаётган сўзларингизнинг бирортасини эътиборсиз қолдирмаганман.
Синчков, зийрак эдингиз. Шундан ҳайиқар эдик. “Хаёлпараст рассом деймизу, жудаям зийрак” деган эди қизлардан бири. Шуни ўйлаб нафасимни ичимга ютиб ўтирганман доим. Сиз эса буни кибрга йўйибсиз, “Аслзода оила фарзанди”, дебсиз. Зинҳор ундай эмас. Қандай қилиб мен Сизга нисбатан кибрли бўлишим мумкин?.. Тавба, бу гапингиздан кулдим. Ахир Сиз қайдаю, мен қайдаман... Сиз ўйлар суриб яшаётган юксакликка кўтарилиш учун менга йўл бўлсин...
Эсласангиз керак, гапира туриб тўсатдан, “Мени тўғри тушуняпсизларми?” деб сўрар эдингиз. Мен Сизга тик қарай олмаганим боис дабдурустдан исмимни айтиб мурожаат қилар эдингиз. Мен “Ҳа, тушуняпман” деган маънода бош ирғаб қўяр эдим.
Сиз ҳеч кимни эътиборсиз қўймагансиз. Айниқса, қизлар ва аёлларнинг кайфиятини зумда илғаб олар эдингиз-да, сезганингизни сездирмай орамизда хомушроқ кўринганининг кўнглини чоғлаш йўлини топар эдингиз. Ҳаммамиз Сизни самимий ҳурмат қилар эдик, тушунар эдик. Ҳатто, “Сизларни икки кун кўрмасам ўзимни қўярга жой тополмайман” деган сўзларингизни ҳам тўғри, покиза дил изҳори ўрнида қабул қилар, бундан бошимиз, осмонга етар эди.
Эркаклар ҳар бир аёлга Сиз сингари ҳурмат, муҳаббат, эътибор билан муносабатда бўлишса эди, дунёда вайсақи, ҳаёсиз, фаросатсиз аёлнинг ўзи қолмас эди, шундай эмасми?..
Хат ёзяпману, Сиз билан тузукроқ, очилиброқ суҳбатлашишдан хижолат бўлганларимни эслайман. Ҳануз ўша фикрдаман. Сизнинг теран мулоҳазаларингиз менинг жўн, саёз фикрларимни қандай қабул қилади, деган қўрқув сира тарк этмаган мени. Тўғрисини айтай, шахсан мендек оддий қиз назарида Сиз осмондасиз. Осмонда туриб ердаги оддий бир ожиза қизга меҳр қўйибсиз. Осмонингизга чиқолмасам керак.
Дарвоқе, ким кимга бегона деб бош қотириш ортиқча. Ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, унинг ипидан-игнасигача муҳокама қилиш одамга роҳатдан кўра, кўпроқ азоб келтиради. Тўғрими?..
Мен Сизни яхши биламан, танийман, лекин қиз бола томонидан, “Сизни қадрлайман” ё шу қабилда дил изҳори қилиш, билмадим...
Азбаройи қаттиқ ҳурмат қилганимдан хатларингизни жавобсиз қолдиргим келмаяпти. Нима қиларимни билолмаяпман. Такрор айтай, мен Сизнинг осмонингизга чиқолмайман. Майли, Сиз мени осмонингизда туриб яхши кўра қолинг – ёмон яхши кўрманг, яхши яхши кўринг.
Хатни тугатдиму, икки кунгача уни ёнимда асраб юрдим. Йиртиб ташламоқчи ҳам эдим... Сиз мендан кўра мулоҳазалисиз. Бирор хатога йўл қўяётган бўлсам, айтаверинг, тўғри йўл кўрсатинг...

3

... хатингизни ўқиб юрагим орқага тортиб кетди. Менга битилган хатни икки кун (икки кун-а!) сақлаб юрибсиз, ўша икки кун мобайнида хаёлан икки юз минг кўчага кириб чиққанимни тасаввур қиласизми?!.. Ҳатто уни йиртиб ташлаш хаёлига борибсиз.
Бу сўзларингизни ўқиб, қандай ҳолатга тушганимни тасвирлаб беролмайман...
Ўша, шаҳардан бош олиб кетганча, биласизми, нима билан машғул бўлдим?
Кўнгил кўчаларини покловчи мусаффо ранглар ва шу ранглар уйғунлигини изладим. Беғубор, тоза ранглар суратини матога, қоғозга кўчирдим... Инсон оқ рангни севса, оқ ранглар қуршовида яшаса, бутун борлиқни, бани башарни оқ тусда кўра билса... Мен ҳар ким кўравермайдиган, ҳар ким илғай олавермайдиган мусаффоликни назарда тутмоқдаман...
... қонталаш шафақ ётоққа бош қўйган палла, дара оралаб ўтган ўзанда қуюқ ўсган қамишзорни ораладим. Қуюқ ва зич ўсган, баландлиги беш-олти қулоч келадиган қамиш чангалзоридан оралаб ўтиш машаққат. Бошим, юз-кўзим аралаш қийиқ ўралган. Ёруғ дунёда мен кўрмаган-билмаган нарса йўғу, қадам босмаганим қамишзор қолгандек қадам-бақадам олдинга силжийвердим. Шунда туйқус оёғим остига қарадиму... қийғос очилган тугмача гулларни кўрдим!.. Инсон назари тушмаган қамишзор орасидаги ғира-ширада тугмача гуллар шу қадар оқ эдики!.. Уларнинг оқлигини тасаввур қилиш ва тасвирлаш учун “оқ” сўзи ожизлик қилади!.. Қopга ўхшатайми, музга, пахта ё сутга қиёслайми?.. Йўқ, буларнинг ҳеч бирига ўхшамаган оқ-оппоқ гул япроқчалари!.. Беш япроқли, уч япроқли, капалак қанотидан-да нозик. Киприкларинг учи сийпаса озор етгудай!.. Банди киприк толасидан-да нафис...
Кимсасиз тўқайда қанча вақт қолиб кетганимни билмадим. Нималарни ўйладим, не мулоҳазаларга бордим – ўзимга ҳам ноаён. Ҳушимга келсам, митти тугмача гулларга юз-кўзимни суртгудек чўк тушиб, энкайиб ўтирибман, димоғимга ажабтовур ёқимли ислар уряпти...
Ким ардоқлайди тугмача гулларни?.. Ким кўради, ким истаб топади, ким улардан завқ олади?..
Митти япроқчаларнинг ранги шу қадар тиниқки, ундан сачраган оппоқ нур толаси тўппа-тўғри қалбингизга етиб, ичингизни ёритиб юборади.
Сиз етаклаб келдингиз мени, бу ерга...
Сизга бўлган самимий муҳаббатим бошлаб келди, мени овлоқдаги бу гуляпроқчалар тепасига...
Кўзим қамашди. Тиз чўккан кўйи бошимни кўтардим. Ўша лаҳзадаги ҳолатимни тасвирлаш учун фавқулодда сўз заргари бўлишим керак, мен эса...
Зич ва қуюқ қамишзор оралаб ўтган қилдай ёруғлик кўзимга игнадай қадалди... Ботаётган шафақнинг тилла толаси... Ётоғига бош қўяётган қуёш... қуюқ қaмишзор... қамишзор пойида сочилган симобранг гуляпроқчалар.
Эътибор беринг, шу овлоқда чаппор уриб очилган гул япроқчаларини қуёш нури истаб-топиб-етиб келибди... Кумуш нур-ла қовушибди тилла тола, бу ерда... Кун бўйи оламни ёритиб қартайган Қуёш ботар асноси тугмача япроқчалар оқлигидан баҳра олиш умидида қилча йўл очиб оқ гуллар ётоғига тилла тукларини чўзибди...
Гавжум шаҳар одамлари ёнгинасида юрган, ўсган, очилган гулнинг фарқига бормайдилар, ундан баҳра ола билмайдилар. Мен кўрдим ўша гулни, кумушранг гулнинг оқлигини сездим ва... уни тарк этдим. Тарк этдиму, олис тоғлар қўйнида, кимсасиз қамишзор пойида очилган симобий гуллар чаманзорида Сизнинг суратингизни кўрдим, маъюс ва маҳзун нигоҳингизни топдим.
Ичимга ўт кетди, жоним, соғинч дақиқаларидан бунёд бўлган навбатдаги узу-ун куннинг соки-и-н-н оқшоми... “Қайтаман!” деган қарордан кўз олдим чароғонлашди. “Айтаман!” деган қарордан руҳимга енгиллик инди.
Суюкли дийдорга етиш қасдида бирон сония ортиқ туролмадим. Ортиқ қола олмаслигимни англаган дақиқаларда шаҳар томон равона бўлдим.
Келдим. Хат ёздим. Жавоб олдим. Ва Сиз, “Хатни йиртиб ташламоқчи бўлдим” дейсиз...
Уч йил тоғу тош кезиб қалбим ва шуурим, ўй-хаёлу нафсимни ғуборлардан поклай-поклай оқ рангга кўнгил қўйдим. Оқ рангга мубтало бўлдим. Дунёни, одамларни фақат ва фақат оқ тусда кўришга одатландим.
Оқлик ҳаётимнинг мазмунига, ўйларимнинг меҳварига айланди. Ва кунларнинг бирида ўқидим:

Сизни топгунга қадар
Meн қандай яшадим?
Яшадимми?..
Ўқидиму, шу савол қийин-қистовга олди. Саволлар исканжасида қолди ўйим. Саволлар беҳисоб, жавоблар беҳисоб. Не-не саволлар жавобсиз...
Саволларнинг ўзи жавоб.
Саволлар карвон тортиб келади, жавоб топиш уқубат. Телба саволларга жавоб топиш машаққатидан, телба бўлмаслик учун биргина дилтортар дўст кўмагига муҳтожлик сезади, кўнгил. Биргина дўст... Сиз...
Соғинаман. Хаёл чангалзорида адашган шердек сарсон кезган дамлар олис-олисда Сизнинг майин, вазмин, ўйчан чеҳрангиз изтиробларимга таскин-тасалли беради...
Тушуняпсизми?..

* * *

Нималарни ёздингиз менга? Нималар деяпсиз? Сиз тасвирлаган туйғулар, эҳ-ҳе-е!..
Тушунинг, мен жуда оддий қизман. Менга ўхшаш қизлар сон мингта. Камчилигимни санайверсам (тағин ёмон кўриб қолманг!) менга изҳор қилган ҳаяжонларингиз анчагина сўниб қолади.
Мен ўзимни Сиз назарда тутган эъзозга лойиқ кўрмайман. Мен Сиз ўйлаганчалик қиёси топилмас қиз эмасман, ахир. Тағин... бу қадар баландпарвоз таърифлар... кулгим келяпти. Йиғлаб олдим...
Ундай эҳтиросларни қўйинг. Ортиқ ёзолмаяпман...

4

... нега бунчалик қисқа ёздингиз? Ютоқиб, бир зумда ўқидим, нафасимни ростлаб олгач, ҳовлиқмай, ҳар сўзингизни ўн бора такрор ҳижжаладим. Мен Сиздан келадиган хатнинг бунчалик қисқа бўлишига дош беролмайман. Эҳтироси тўфон янглиғ тўлиб-тошаётган, айтар сўзи достон бўлишга тайёр кимсанинг ташналиги икки энлик хат билан баҳра топади деб ўйладингизми? Мумкинми шу?..
Унутманг, ҳеч бир банда қандайин эъзоз-эътиборга лойиқ-нолойиқлигини ўзи холис белгилай олмайди. Муҳаббатли қалб эъзозга лойиқ кўрдими, бас, унга ҳе-еч қандай куч тўғаноқ бўлолмайди.
Муҳаббатли қалб инон-ихтиёрдан холи яшайди. Унга Сизу бизнинг амру фармонларимиз кор қилмайди.
Ҳойнаҳой, бу сўзлар ҳам Сизга баландпарвоз туюлаётгандир? Унутманг, соф муҳаббат баландпарвоз туйғулардан туғилади, шу боис уни оддий ва жўн сўзлар билан ифодалаш қийин, худди шунинг учун ҳам заминий ва жайдари кимсалар илоҳий муҳаббат савдоларини тўғри тушунмайдилар.
Тушуна олмайдилар. “Ҳеч вақт халқнинг маломатидан қутила олмассан” деб ёзган-ку!.. Оҳ, қандайин бокира севги малаклари ўтмишда не-не кулги-мазаҳга қолмаганлар, абгор ва бадном бўлмаганлар.
Эр-хотин бир-бировини қадрлаши оила мустаҳкамлигининг асоси, деб ёзибсиз. Тўғри. Қанчадан-қанча одамлар қадр-қиммат топишни олий бахт деб тушунадилар. (Бунга етишмаганлар қанча!) Буниси ҳам тўғри. Аммо-лекин Сиз... Сиздек хилқатни қадрлашнинг ўзи кифоя эмас.
Қадрлаш хам кўнгилларни пайвандлайди. Бироқ, жоним, муҳаббат – қадрига етиш-қадр топишдан-да юксакроқ туйғу. А-анча юксак... Юксак туйғуларга муносиб яшамоқ учун руҳ юксалмоғи керак. Тушуняпсизми?.. Руҳнинг юксаклиги таннинг латифлигидан қувват олади. Қадим китобдан далил келтирай, хўпми?.. “То кишининг таъби латиф бўлмоғунча ошиқ бўлмағусидур, нединким ишқ бешак таъби латифликдин пайдо бўлур. Латиф таъбдин латифлик туғулур”...
Тонг отиб қолаёзди. Хаёл олиб қочди, оз ёздим.
Қистовга олаётганим малол келмасин. Ўзга иложим йўқ. Тезроқ ва кўпроқ ёзинг, хўпми?.. Жуда-жуда кутаман...

* * *

Аввалгидан анча нозиклашиб кетганга ўхшаяпсиз. Шоиртабиат бўлиб қолибсиз. Ёзган сўзларингиздан кулмаяпман, аксинча, уларни ўқиганим сайин ўзимни бошқa киши назари билан томоша қиляпман. Ўзимни бунчалик четдан ва холис кузатмаганман. Қизиқ бўларкан...
Сиз “кибрли” деб таърифлаган қиз ўзидан заррача қониқмаслигини билсангиз эди!.. Ёзганларимни ўқигач, уйқунгиздан кечиб қоғоз қоралаганингизга арзимаслигимни сезгандирсиз?..
Яхши кўрганингиз, эъзозлаганингиз, меҳрингизни аямаганингиз учун раҳмат. Бундай эъзозга муносиб бўлиш... хижолат чекяпман.
Сизнинг нозиктаъблигингиз, талабчанлигингиз қайдаю мен қайдаман!.. Ўйлайвериб, чарчаб кетдим. Қатъият, ирода етишмаётганга ўхшайди. Нима қилишимни билолмаяпман. Менга аталган эҳтиросли сўзларингизни, эъзозли меҳрингизни ҳис қилиб, йиғлаб олдим...
Хонамизда нимадир ҳақида сўзлаб бера туриб тўсатдан менга “Ҳар кимни кўнглингизга яқин олавермас экансиз-а?” дегансиз. Ҳайрон қолганман. Қаёқдан билгансиз?.. Наҳотки, шунчалик одамови кўринсам?! Ахир... айтаверайми?.. Бош кўтариб юзингизга тик қарамаганман, лекин Сизни кўнглимга яқин тутар эдим. Нима сабабдан шундайлигини билмас, ўзимга ҳам изоҳлаб бера олмас эдим. Самимиятингиздан, меҳрли эканингиздан, бошқалар кўнглидаги нозик кечинмаларни зийраклик билан илғаб олишингиздан ҳайратга тушар эдим. Ўша ғайрат секин-аста ҳурматга айлана бошлаган...
Кўнглим тўридаги пардалар ортида пинҳон ётган бу иқроримни Сизга ошкор қилмоқчи эмасдим, бунинг зарурати йуқ деб ўйлаганман...
Нималарни вайсаяпман?! Сизни хонамизда ўтирадиган қизлар, аёллар, эркаклар ҳам бирдек ҳурмат қилишар эди, ҳамон ҳурмат қилишади. Шаҳарга қайтганингизни эшитишибди, севинишди...
Тушунинг, Сиз ҳақингизда мен фақат тўғри кўнгилда ўйлаганман. Сиз ҳақингизда салгина бўлсин ножўя хаёлга бормаганман. Сиз ҳам мени шундай тушунинг. Қаттиқ ҳурмат қилганимдан хатларингизни жавобсиз қолдиролмаяпман, деб ёзгандим-ку... Бундай одоб одобсизликка кирмайдими?.. Бошим қотиб қолди...
“Хафа бўлманг” дейсиз. Мен Сиздан ҳеч қачон хафа бўлмайман. Мен Сиздан хафа бўлолмайман...
Кўнгилдаги гапларни баён қилганим сайин улар асл маъно ва жозибасини йўқотаётганга ўхшайди. Ўйларим кўп, ҳаммасини батафсил қоғозга туширолмаяпман, узр...

5

...Сизни кўришим керак, ўзга иложим йўқ. Учрашайлик, суҳбатлашайлик.
Бордим, ўша хонага кирдим ҳам дейлик, Сиз мени қандай қабул қиласиз? Уч йилдан буён йиғилиб ётган дард-ҳасратимни эшитишга тоқатингиз етармикан?.. Умуман, мен билан юзма-юз суҳбат қуришга розилик берасизми?..
Хаёлан минг кўчага кирдим. Яширадиган жойим йўқ, изингиздан пойладим. Ишхонадан чиқиб – икки аёл, бир эркак ҳамроҳингиз эди – автобус бекатига бординглар. Орамизда “Ҳой!” деса эшитгулик масофа, орзиқиб кутган лаҳзаларим, мана, марҳамат, етишдим. Ўн қадам, беш қадам, уч қадам юрсам бас, висол-л-л!..
Кутилмаган аҳволга тушдим, жоним, оёғимни ердан узолмасам денг!.. Михлангандек ёки ердан ўсиб чиққан одамдек “қилт” этиб силжий олмадим.
Юрагим қинидан чиққудек гурсиллай бошлади. Шунчалик ҳаяжон босяптими?! Қизларга рўпара келганда тили танглайига ёпишиб қоладиган ўсмир эмасман-ку?!
Хуллас, тиккасига бориб саломлашишга, ўзимни танитишга юрагим бетламади.
Суратингизни чизганман: оч кўкиш кўйлакдасиз, оппоқ гуллари бор, қуюқ сочингиз елкангиз узра ёйилган, нафисгина балдоғингизда яноғингиздан таралган нур акс этяпти. Яноғингиздаги мошдек холингиз ҳамроҳларидан адашган йўлчидек, холингиздаги ўйчанлик кўзингиздаги маъюсликдан кўчгандек, лабларингиз қимтилган, мендан хафа бўлгандек...
Суратга тикилиб-термилиб соатлаб суҳбат қураман: гоҳ Сиз, гоҳ ўзим бўлиб савол-жавоб қиламан. Бийрон бўлиб кетаман. Кўнглимни тўкин дастурхон каби ёзаман. Бир сўзни ўн-йигирма бор такрорлайман – улар сира кўнглимга урмайди, балки такрорлаганим сайин сўзлар жозибаси қалбимни янаям чароғон қилади. Соғинч, висол умиди, беғубор ва самимий туйғулар айёмига айланади суҳбат онларимиз...
Кўнгилга қувонч бахш этадиган сўзларни айтганим, қоғозга туширганим сайин Сизнинг мафтункор қалбингизга чуқурроқ кириб бораётганимни, ўзимни бамисоли ибодатдан турган тақводордек тозароқ ҳис қилаётганимни сезаман. Фақат соғинчларга тўла изтироблар ичимнинг аллақаерларини тўхтовсиз кемираётганини ҳам аниқ-тиниқ сезаман...
Ношукрлик гуноҳ, бинобарин, мен ҳам ҳаётдан, турмушимдан нолимайман. Ундан ортиқ суратингизга термилиб ўтадиган саодатли дамлар висол айёмига айланадиган бўлди. Висол илинжи азоблаётган одамнинг аҳволини тасаввур қиласизми, тасаввур қиляпсизми?..
Хатларингизни неча қайталаб ўқийман: “Сиз билан тузукроқ суҳбатлашиб ўтиришдан хижолат чекаман. Сизнинг теран ақлингиз менинг жўн, саёз фикрларимни қандай қабул қиларкин деган қўрқув бор менда”.
Ўқидиму, шундай қapopra келдим: энди мен ўша “жўн ва саёз” фикрлар гадосиман, жоним!.. Сиздек “ердаги оддий қиз”нинг оқилалиги, покдомонлиги учун ҳар қандай осмондан тушишга тайёрман.
“Ножўя хаёл” деган иборангиздан қаттиқ таъсирландим. Бизнинг орамизда ножўя ният йўқ. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Сиз билан мени ножўя хаёл боғлагани йуқ, азизим! Ножўя хаёл боғлаган дўстликнинг баҳридан кечиш ва яна ножўя мақсадларга лойиқ дўстлар орттириш нақадар осон! Худо асрасин... Аммо-лекин жўяли хаёллар жисму жонингни чирмовуқдек чирмаб олсаю, бу исканжада жон таслим қилгудек тўлғонсанг-да, чорасизликдан бирор маскан тополмасанг, нима қилмоқ керак?!
Айтинг, ахир!.. Айни кунлардаги дардимга ёлғиз Сиз, Ўзингиз малҳам қўйишингиз мумкин. Мен ўзгалардан, бошқа қалблардан шифо сўролмайман.

Сизни топгунга қадар ...
... Яшадимми?..

Куляпсиз-а? “Жуда яхши яшаяпсиз” дедингиз-а?.. Топдимми?..

* * *

... топдингиз. Уч мисрали шеърни қаерда ўқидингиз? Ҳамманинг ҳаваси келадиган Сиздек одам шундай кайфиятга тушса, бошқалар додини кимга айтсин?.. Ўзим юрган йўлимда уни беихтиёр такрорлайдиган бўлиб қолдим. Шеър ўқимай қўйгандим, ҳозир излаб-истаб ўқияпман.
Муҳаббат – тумшуғида хат ташиган қалдирғоч,
Муҳаббат – болишига пат ташиган қалдирғоч.

Қизиқ-а?.. Қалдирғочни жудаям яхши кўраман. Беозор қуш... Вижирлагани-вижирлаган. Хат ташигани, хат ўқигани шудир-да?! Муҳаббатга мубтало бўлганки, чарх уриб уясига пат ташийди. Демак, оила қуради, қалдирғоч...
Яхши кўриш, кўнгил қўйиш инсонни валфажр айтаётган қалдирғочдек беғуборлаштириб юборади дейишади. Нима? Ток навдасига ёнма-ён қўниб олиб, бир-бирига тинмай вижирлаётган қалдирғочлар каби биз ҳам хат олишиб юрамизми? Кулгим келяпти, кула туриб кўзим ёшланяпти. Ёшим қуриб, бошим қотяпти...
Яхши инсонсиз, меҳрибонсиз, кўнглимга яқин олсам нимаси ёмон?! Самимий суҳбатлар қурсам, сирдош тутинсам...
Узр, нималарни ёздим, ёзяпман?! Сиздек инсонга тортинмай-нетмай-а!.. Қай бет билан бор ўй-хаёлимни тўкиб соламан, қай тил билан баён этаман?.. Кулгига қолмайманми?..
Жўн ва саёз фикрларимни... тавба!.. Сизга айтадиган, ёзадиган гапларимни кўнглимнинг бир чеккасида кимдир пусиб, “Айтма!” дегандек танбеҳ бериб туради. “Ёзаман!” деб аҳд қиламану, истиҳолага ботаман. Истиҳолага ботаману, беихтиёр ёзганларингизни такрор қўлга оламан: “Энди мен ўша “жўн ва саёз” фикрлар гадосиман, жоним”, “Сиздек ердаги “оддий қиз”нинг оқилалиги, поклиги учун ҳар қандай осмондан тушишга тайёрман”, “Айни кунлардаги дардимга ёлғиз Сиз, Ўзингиз малҳам қўйишингиз мумкин. Мен ўзгалардан, бошқа қалблардан шифо сўролмайман”...
Қанча меҳр, қанча муҳаббат жо бўлган бу сўзларга!.. Тасаввур қиляпман... Озгина иродасизлик қилсам, кўчага югуриб чиқишдан, дуч келган таниш-нотанишга ўзим ҳақимдаги бу қайноқ сўзларни баралла айтиб юборишдан тоймасам керак... Лекин “Айтма!” деган дағдаға тилимни тутади. Унга бўйсунаман. Айтмаслигим керак, вазминроқ бўлишим шарт. Ахир мен қиз боламан...
“Ножуя хаёл”ни мен ўйлагандек, ундан-да чуқурроқ, мазмунлироқ тушунганингиз учун раҳмат...

6

... “Ножўя хаёл”га муносабатимиз бир хил экан, шунинг ўзи Сиз билан менинг қарашларимиз, қизиқишларимиз яқинлигини исботламоқда. Шундай экан, жўяли ниятлар ҳақида ўйлашимиз керак эмасми?.. Эҳтимол, ушбу ёзишмаларимиз жўяли ўйлар дебочасидир. Қалдирғочнинг чуғури беваж бўлмаганидек, бизни бир-бировимизга валфажр айтишга ундаётган тоза ният ҳам бесабаб эмас деган ўйдаман.
Шеър – кўнгил савдоси. Муҳаббат ҳақидаги шеърлар ёлғиз қолганда ўқилади, нари борса, икки дил изҳори сифатида қулоққа шивирлаб айтилади. Инсон кўнгил қатларидаги эрка ва ҳуp туйғулари кўз очган лаҳзалар шеърдан, куй-қўшиқдан тасалли топади. Муҳаббатни қалдирғочга ўхшатган шоирнинг шеърларини мен ҳам ёқтираман.

Унсиз соғинчларимни ўқисам ишқ хатидай,
Соғинчим битта бўлса, ҳижроним мингдир мани.

Ҳижрон, соғинч, қўмсаш... Кундалик, ҳар лаҳзалик ҳамроҳларим менинг! Ёлғиз мусичанинг “ку-ку”сини эшитсам, осмону фалакда чарх уриб учаётган чинни кабутарнинг парвозига тикилсам, тун уйқусига шайланаётган қушлар чуғурига қулоқ тутсам соғинч ўртайди, жонни, жоним!.. Нима, нима дедингиз?..
– “Муҳаббат – ярми тилла, ярми кумуш қўнғироқ”.
– Ҳа, ҳа шундай. Шундай мисраси ҳам бор ўша шоирнинг.
– “Соғинч – ошиқ андалиб, вафо оққуш рангдамиш
Токи, ҳар парвонанинг покиза армони ишқ”.
– Ўқинг, давомини ўқинг!
– “Сарғайган соғинчларим бир қўналға қалб излар,
Тун гардун қабоғига тортганида сурма ранг”.
– Шундай, жоним: тонг – соғинч, тун – соғинч. “Ичим куйиб борар, юрагим куйиб...” “Осмонга сиғмайман, ерга сиғмайман”, Сирдошинг, ҳасратдошингга айланган узун тунлар аллақайларда умид гуллари очилар... Тонглар отар... Яна шеър ўқинг, мен тинглайин жимгина. Ўқинг, ахир, қулоғим, вужудим ихтиёрингизда.
– “Йўқ”.
– Яна икки мисра ўқинг.
– “Бўлди. Бошқа шеър билмайман”.
– Жуда куп шеърлар биласиз, жоним. Жуда яхши тушунасиз, шеърни, ўқий қолинг.
– “Тушунмайман”.
– Тушунмайсиз?.. Ҳамма дард, ҳамма ситам тушунганингиз мукофоти, жоним. Тушуниш азоб... Инсон чуқурроқ, нозикроқ тушунгани, ҳис қилгани сайин азоби чуқурлашаверади, изтироб ўтида кўпроқ куяверади. Ўйлаб қоламан: бундай ҳолатларда тушунмаслик, ҳиссизлик бахт эмасмикан?..
Сиз шеърни тушунасиз, шеър – кўнгил савдоси, кўнгилнинг ўзи, шеър! Тушунчаларингизга топинай, хўпми?..
“Жуда яхши яшаяпсиз” деб кулдингиз-а? Ношукрлик қилмайман, атрофимда тўла меҳр, оқибат, камим йўқ. Бу улкан ҳақиқатга тил теккизиш гумроҳлик. Бироқ, азизим, ҳаётда ана шундай ҳақиқатлардан-да юксакроқ, муқаддасроқ ҳақиқат бор. Бу олий-самовий ҳақиқатни кўра олиш ҳар кимсага насиб этавермайди. Уни икки қалб туташган лаҳзалардагина кўриш мумкин... Қалб жавҳарларининг яқинлигидан кўнгил кўзи очилади, бу кўз, бу гуноҳ самовий олам ҳақиқатларини равшан кўради.
– “ва ярми тилла, ярми кумуш қўнғироққа айланади”...
– занг чалади, бонг уради...
– бу қўнғироқ садоларини жуда-жуда беғубор соҳиби-соҳибаларигина тўғри англайдилар...
– қаерда, Сиз айтмоқчи таъби латиф ўша одамлар? Қаерда?.. Нега бош чайқаяпсиз, айтинг, борми, шундай одамлар?..

* * *

Қараб туриб шоир бўлиб қолмайлик!.. Севги-муҳаббат кўнгилларни шод-чароғон қилади, деб эшитгандим, нега мен Сизга акс таъсир кўрсатяпман? Ёки орамиздаги тоза муносабатни ҳеч кимса тўғри тушунмаслигидан қайғураяпсизми?.. Қайғуришга арзирмикан?..
Бундай туйғулар одамлар томонидан камдан-кам қадрланган, деб ёзгандингиз, ўзингиз...
Тўғри топибсиз: ҳамма бирдек англаган ҳақиқатлардан-да юксакроқ ҳақиқат бор, бу – икки кишигагина аён ҳақиқат...
Ҳис-туйғуларимни шу қадар очилиб-чочилиб изҳор қилаётганимдан хижолатда эдим. Бу тахлит хат алмашувлар оқибатида бир-бировимизга ўрганиб қоламиз деган хавотирдаман... Хавотирда юраверибману, ўрганиб ҳам бўлдим, шекилли?..
Хатингизни кутаётганимни сезмай қоламан... хатларингизни қайта-қайта ўқийман... Сизга изҳор қилиш учун ичимда жамланаётган сўзлар қайнаб-тошади, лекин барини ёзолмайман, уларни... “Тушунчаларингизга топинай, хўпми?” Бу сўзлардаги ҳар бир ҳарфга қанчалар меҳру муҳаббат жо бўлгани фақат менга, ўзимгагина аён. Фақат, ошириб-тошириб таърифлашларингиздан ҳамон лов-лов ёниб, хижолат чекаман...
Ҳижрон, соғинч, қўмсаш... тотли азоблар бахшида этмайдими, бу туйғулар?.. “Тоза дард кўнгилни мусаффолаштиради” деган гапни ўзингиздан эшитгандим, шекил?.. Шундай экан, тотли азоблар оғушида кўнгли тозаланаётган кишига ачиниш ўринлимикан?.. Сизнинг меҳрга тўла бир оғиз сўзингиз, фақат менгагина аён беғубор нигоҳингиз мени нечоғли юксалтириб юборади. Тасаввур қилолмайсиз! Мана, гап нимада!..

7

Саҳар чоғи кўкда ёлғиз юлдузни кўрсам...
Тўхтовсиз югураётган соат милларига термилсам...
Хазон тўшалган сўқмоқдан ўтсам...
Кундузни оғушига олаётган тунни кузатсам...
Ором истагида бошни болишга қўйсам...
Сизни СОҒИНАМАН...
Тирик жон борки, тинимсиз ниманидир кашф қилиб яшайди. Мен соғинчни кашф қиляпман...
... ёп-ёруғ хона тўсатдан қорамтир тус олади, кўз олдингдан туман, туман эмас – қуюқ булут солланиб ўтади, ўтиб бораётган булут бошинг узра тўхтайди – устингдан кулаётганга, сени мазах қилаётганга ўхшайди. Қўлларингни алмойи-алжойи ҳаракатлантириб булутни тарқатиб юборгинг, эркин нафас олгинг келади, бироқ, аксинча, қандайдир юмшоқми... қаттиқми нарса муштдек бўлиб кўксинг ичига кириб олгандек... ҳиқилдоғингга бир нима қадалгандек... абадул-абад шул алфозда тураверадигандек... товушинг борича бақириб юборгинг келади. “Дод!” десанг, хонанинг бир томонини энлаган кенг, ёруғ дераза чил-чил синиб, жаранги қулоғингни қоматга келтирса, майли, ойна синиқлари тарновдан шовуллаб тушаётган ёмғир сувидек бошингдан қуйилса... бетинг, манглайинг, лабларинг қонга беланса ва шиша ёмғири орасидан сени шундайин соғинч тегирмонига солиб азоблаётган Суврат кўринса...
Олам сукунат оғушига чўмади, сукунат ютиб юборай дейди. Сени ютиб юборишга ҳозиру нозир сукунат навосини тинглаб ором олгинг келади...
Ҳозиргина дераза ойнаси чил-чил синиб тушган, қуюқ булут бўронидан мусаффолашган хонада Сизни рўпарамга қўйиб, нурдек жамолингизга суқланиб суҳбат бошлайман... гоҳ Сиз – гоҳ ўзим бўлиб суҳбат қураман. Аразлайман, Сиз юпатасиз... Ички чўнтагимдан тахланиб ётган хатларни олиб бир бошдан ўқишга киришаман, “Ўқиманг” дейсиз. “Ҳаммасини эмас, айрим жойларини ўқиб берай” дейман. “Мен йўғимда ўқийсиз” дейсиз. Нима деганингиз, бу? Сиз ҳеч қачон йўқ бўлмайсиз, ахир, Сиз доим ёнимдасиз, Сиз менинг ичимдасиз...
Дераза ёнида чумчуқ пайдо бўлади, узуқ-юлуқ чирқиллаб, бошини қийшайтирганича мунчоқ кўзларини биздан узмайди. Хатни ўқишга тутинаман: “Сиз менга қадрли инсонсиз...”, “Менинг кўнглимга бегона эмассиз...”, “Ҳурмат қилардим, энди эса...”
– “Тўхтанг, ўқиманг, кетиб қоламан!”
Авзойингизни кўриб чўчиган чумчуқ “пир” этиб ғойиб бўлади. Мен эса дилингизга озор етказдим, деган ўйда хавотирга тушаман. Ювош тортаман... “Хўп-хўп, ўқимайман” дейман. Сиз нима десангиз, “чурқ” этмай адо этаман. Бу хатларни Сиз ёзмагансиз. “Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб” деб ёзармидингиз Сиз?.. “Тағин ёмон кўриб қолманг” деб ёзган одам ҳам бошқа “Шунақанги соғиндимки!..”, “Ҳеч кимни йўлатмаган кўнглимга кириб олдингиз” деган сўзлар ҳам Сизга бегона. Бошқа киши, Сиз билан менга мутлақо бегона киши ёзган уларни. Ўша БОШҚА киши Сиз билан мен ҳақимда топиб ёзганини қаранг!..
Эшитяпсизми: “Бизни ҳеч ким бир-биримизни тушунганчалик тушунмайди...”
Жуда тўғри ёзгансиз, жоним, бошқалар бизни тўғри тушунмаслигини фожиага айлантиришнинг ҳожати йўқ. Эҳтимол, ҳамма бирдек тушунаверадиган туйғу бўлганида, у Сизу бизнинг кўнгилларимиз мулкига, қалбларимизни туташтирувчи кўприкка айланмас эдими?..
Шундай эмасми?..
– “Мен ҳам шундай ўйдаман”...
– Нима дедингиз?
– “Ҳеч нима”.
– Айта қолинг.
– “Ўзи битта эди”.
– Ўзи битта бўлгач, гапи ҳам битта бўлади-да!..
– “Тушимда Сизни кўрдим, Цой исмли аёлни севиб қолибсиз”.
– Ҳа-ҳа-ҳа!.. Сой исмлидир, хойнаҳой?
– “Сой исмли аёл ҳам бўладими?”
– “Жату-ум-м” нима дегани?
– “Нима?!”
– “Жату-ум-м-м, мускурадо-о!” деб куйлайдилар-ку, ҳиндлар.
– “Билмадим. Сой исмли аёл ким?”
– Сой – сой-да, оқар сув, анҳор бор-ку, ўшани севиб қолдим.
– “Сойними?”
– Сойни.
– “Сойни севиш... тушунмадим”.
– Лим-лим оқаётган сой экан. Сувга тикилиб ўтирдим, ўй сурдим. Бир замон қарасам, бир гала қиз кўзаларни сувга тўлдиришдида, изма-из юриб нариги қирғоқдаги ёлғизоёқ йўлдан қиялаб юриб юқорига кўтарила бошлади. Не кўз билан кўрайки, уларнинг орасида Сиз бор экансиз... ҳаяжондан нафасим қайтаёзди, жоним борича бақирдим, чақирдим...
– “Нима деб?”
– Исмингизни айтиб чақирдим.
– “Исмимни нима деб айтдингиз?”
– Айтдим-да...
– “Қани, айтинг-чи”.
– Ҳеч кима-а, маълум эма-ас, ҳоли паришо...
– “Э, тўғрисини айтинг”.
– Айтайми?.. “Жоним” дедим, “Хоним” дедим, “Жавоҳирим”, “Оппоғим”, “Гавҳарим” дедим...
– “Бўлди-бўлди, етади. Бирортасиям менга мос кемайди”.
– Мос кемайди?! Сиз сув олиб тепалик томон юришингиз ҳамоно сой суви нур тарата бошлади. Симобий, кумуш ранг сув. Югурдим, оқар сувнинг сатҳида югуриб боряпману, оёғим ботиб кетмаётганига ҳайрон ҳам бўлмаяпман, чунки ўша топда сув бетида югуриш эмас, Сизни сой бўйида учратиш мўъжизароқ эди мен учун, тасаввур қиляпсизми?!
– “Ҳа-ҳа-ҳа!..”
Суҳбатимиз шу ерга етганда дераза токчасига оппоқ чинни кабутар келиб қўнди. Бўйнини чўзиб, аввалига чўчинқираб мошдек дум-думалоқ кўзларини бизга тикди. Кабутар шу қадар оқ эдики, азбаройи, шундайига ҳам ёруғ-чароғон хона янаям нурга тўлди. Жонивор ҳуркиб учиб кетмасин деган ўйда товушимни пасайтирдим:
– Кулинг, жоним, тушларимдан завқланиб кулинг. Мен эса ўша сойнинг суратини чизяпман...
– “Қизиқсиз-а!..”
– Машҳур раққосанинг ўнлаб суратини чизиб тор кулбасига қатор-қатор ясатиб қўйган, қариган чоғида шундан ўзга овунчоғи қолмаган таниқли рассомнинг ҳаёти ҳам қизиқ эди. Мен-чи?.. Сизга ишқим тушдию, қизиқ бўлиб қолдим. Тушимда ҳам, ўнгимда ҳам Сиз, Сиз, Сиз!.. Қулоғимда– товушингиз, назаримда – суратингиз, вужудимда – вужудингиз...
... хонтахта ёнида ёнбошлаганча ухлаб қолибман. Ярим кеча уйқум ўчди. Совуққотибман. Кўзимни базўр очдим. Не кўз билан кўрайки, ёнимда чўк тушиб, тепамда менга қараб ўтирибсиз. Атлас лозимнинг чўғдай жияги кўзимни қамаштирди... “Туринг, бундай ётманг” дедингиз. Сўзингизни икки қилмай, ирғиб қад росламоқчи эдим, кўнгилга оралаган хаёлдан юрагим opқaгa тортди.
“Кетиб қолса-чи?”
Кўзимни очсам кетиб қоласиз, деган хаёлда қимир этмай ётавердим. Сизни тепамда кўриб шу қадар ором топдимки!..
“Туринг”, дедингиз, “Кетиб қоласиз-да”, дедим ичимда. Яна уйқу элитди...
Алламаҳал чўчиб уйғондим, тепамда менга термилиб ўтирганингизга қарамай уйқуга кетганим учун ўзимдан норозиланиб, сапчиб турдим. Йўқсиз... Шошиб ҳовлига чиқдим. Ҳовли саҳнига, бурчак-бурчакларига кўз югуртирдим – топмадим. Аламдан ичим ўртанди. Шошиб, зинадан пастладим. Шунда, қийғос гуллаган гилос шохларидан-да баландроқда деворга ёйилгандек осиғлиқ оппоқ матони кўрдим. Мисоли оқ, нурли дастурхон...
Кўзимни узолмадим. Сутдек оқ мато – дастурхон сатҳида ундан-да оқроқ, ундан-да нурлироқ Сизнинг суратингиз пайдо бўлди.
Мўъжиза эди, бу!..
Маъюс, мунис, дилбар чеҳра... Турган жойимда нафас ололмадим, оёғимнинг учида чўзилдим. Вазним е-енгил тортди, Сиз томон кўтарила бошладим... би-ир қучоқ оппоқ нур сузиб келди, келди ва мени осуда оғушига олди...

* * *

Бунчалик муҳаббатга тўла бўлмаса, қалбингиз!.. Қаттиқ кўнгил боғлаш хосиятсиз, дейишади. Худо асрасин...
Шунчалик яхши кўрасизми-а?!. Чиндан ҳам, қизиқсиз, мен ҳам қизиқ бўлиб қолаётганга ўхшайман...
Хатингизни ўқиб кўзларимга дур тўла ёш қалқиди, юрагимдан қувонч тошди. Бизни бир-биримизга рўпара қилган Аллоҳга шукрлар қилдим.
Сизга туш бўлиб кўринган манзара менинг ўнгиммикан?.. “Ўнгиммикан?” деб тепангизга боргим, қўлларингиздаи тутгим келди... Кўзларингизда адоқсиз изтироб, адоқсиз соғинчни кўрдим... “Мени соғиндингизми?.. Кўргингиз келдими?.. Чиндан ўзингизми?.. Оқ мато сатҳидаги oқ сурат бўлиб кўринган менми?” деб ҳоли-жонингизга қўймай сўрайвергим келди. Буткул дунё эшитгулик овозда қўшиқ айтгим келди. Сизнинг ҳеч кимса йўлай олмайдиган беғубор дунёингизга қўлингиздан тутиб сингиб кетгим келди...
Руҳимни чирмаб олаётган бу оромбахш азоб, илоҳий нур мени тобора юксалтириб, поклантириб, эсанкиратиб қўймоқда. Жону жаҳонимни эъзозлаган, оппоқ рангларга, оппоқ нурларга, сутдек оппоқ эзгуликка белаб-буркаб ташлаган лаҳзаларни, илоҳий вужуддан таралган сеҳрли сўзларни хаёлимда қайта-қайта тикладим, эсладим ва Сиздан қанчалар олисда бўлсам-да, шунчалар яқинда эканлигимни ҳис этдим.
... ҳар сафар руҳинг ортидан хаёлан эргашган кўйи унинг қошига отланар экансан, остонасига қадар зилол сувлар сепиб борасан. Зилол сувлар сепилган йўллар зебо гўшаларга етаклашини Яратгандан сўрайсан...
Ижод кишилари хаёлпарастлиги рост-а?.. Лоақал тунда тинч, хотиржам ухланг. Бисотингиздаги барча ҳароратли сўзларни кундузи айтсангиз ҳам бўлади-ю!.. Хонтахта ёнида кўзингиз илинибди, ҳойнаҳой, юпқа кўрпача устида ухлаб қолгандирсиз?.. Совуққотиб уйғонибсиз. Шундан безовта бўлиб боргандирман, тепангизга?..
“Адамни яхши кўраман” десам ажабланманг. Ҳар ким учун ўз отаси азиз. Лекин мен адамнинг ниҳоятда ширинсўзликлари, ниҳоятда ҳушёр ва беҳад меҳрибонликлари учун улуғлайман. У киши фақат биз фарзандларига эмас, ҳеч кимсага ёмон кўз билан қарамайдилар, бирор кимсанинг кўнглини ранжитмайдилар. Бундай одамлар кўп эмас... Сиз кў-ўп жиҳатдан адамга ўхшайсиз...
Сиз мен билан ғойибона суҳбат қуриб мажнунлик қилаверманг. Сиз тасвирлаган суҳбатимизни ўқиб дам кулдим, дам завқландим, ўзимга ҳавасим келди... Тонг отгунга қадар мижжа қоқмадим. Хаёл суриб суҳбат қурдим, “Ким билан?” дейсизми? Сҳбатдошимни Сиз танийсиз, фақат Сиз биласиз у кишини...
Шунчалар яхши кўрасизми-а, мени?.. “Ўлибманми, яхши кўриб!” деяпсиз-а?..

8

... эҳтимол, Сиз таърифлаганчалик яхши одамдирман, лекин ҳар сафар хатингизни ўқиганда ўзимни янаям яхшироқ инсон сифатида ҳис қиламан, янаям яхшироқ одам бўлгим келади.
Сиз одамларни ўз имкониятидан ўн, юз карра яхшироқ одам бўлишига даъват эта олгувчи мўъжиза соҳибасисиз. Бундай қизлар табиатида заминий қувватдан кўра, самовий сеҳр кучлироқ бўлади. Эҳтимол, кимларнингдир назарида Сиз ҳамма аёл-қизларнинг биридирсиз, Сизга ҳам қўполлик, қўрслик қиладиган эркак топилар (юзини тескари қилсин!), лекин шуни унутмангки, бир кишининг назарида Сиз асло бундай тубан муомалага раво кўрилмайдиган хилқатсиз!..
... қиш чилласи. Туни билан ёққан қор ҳолдан тойган – май-йда-май-йда элаяпти. Қор қоплаган томлар қато-ор ётганича уйқуга кетган ва ҳализамон силкиниб уйғонадиган баҳайбат жондорларга ўхшайди. “Жондорлар”нинг у ер-бу еридан қуюқ қора тутун бурқсиб кўтариляпти... Тонг отса-да, одамлар иссиқ уйларидан ташқарига чиққилари келмайди, совуқнинг зўридан кун ҳам минг бир уқубатда, эриниб ёйилмоқда.
Кимсасиз, тор ва узун кўчанинг ў-ўртасида бола етаклаган жувон пайдо бўлди. Бола – ўғил бола шекилли – телпакни кўзига довур бостириб кийган, у етмагандай, оғзи-бурни аралаш шарф ўраб боғланган.
Жувоннинг бошида оқ жун рўмол, иссиқ кўйлак устидан қора бахмал нимча. Гулдор лозим. Бир қўли билан ўғлининг қўлқоп кийган қўлидан тутган, иккинчи қўлини мушт қилганича кўксига босган. Нимадир гапириб келаяпти шекилли (оёғи тойиб кетмасин-да!), оғзидан буғ чиқяпти.
Томлар, дарахтларнинг шир яланғоч шохлари, кўча оппоқ қорга бурканган. Жувоннинг қўли, юзи қордан-да оқ... Оқ жун рўмоли остидан ярқираб кўринган манглайидан таралган нур шундайига ҳам оппоқ кўчани янада ёритаётгандек.
Тонг ёғдуси шу кўчада тунагану, жувон уни етаклаб чиқаётгандек. Ана, юқорига, юқорига, яна юқорига кўтарилмоқда, ҳадемай ўзидан таралаётган нур толаларидан эмин-эркин одим ташлаб само сари йўл олади...
Бола, йўқ, ёғду тўла тонгни етаклаган жувон – Сиз. Қиш тонгидан оқроқ, қор жилвасидай тоза ниятлар етаклаган фаришта – Сиз. Қирчиллама қиш тонгида ҳаяжондан энтикиб, вужудидан тер қуяётган йигитнинг тирик соғинчи – Сиз.
Мана, зум ўтмай мен тасвирлаган манзарадан чиқиб келасиз, аъзои баданимдан кўтарилаётган ҳовур ўзига қўшиб кўтариб кетаётгандек ва Сизнинг васлингизга етдим деганда, ундан айро тушадигандек… кўзларимдан ёш тирқирайди. “Совуқнинг зўридан” дейман ичимда, Сиз манзаранинг чегарасига яқинлашасиз, энтикаман, ёнгинамда пайдо бўласиз, оғиз жуфтлайман: “С…с…”, салом беролмайман. “С... с-салом”га жуфтланган лабларим орасидан “С... с-соғиндим” деган сўз чиқишини, бундай демаслик учун иродам, қурбим етмаслигини тушунаман.
Юзма-юз келасиз, нигоҳингизни бир сония ердан узасизу неча кунлардан буён ўйлаб, чамалаб, айтмоққа шай қилиб қўйган сўзларим пўртанасини сўндирасиз... Лом-мим демай ёнгинамдан ўтасиз ва юз-кўзингиздан таралаётган биллурий нур толаларидан тўшалаётган ёлғизоёқ йўлдан осмонга, осмонга, осмо-онга чиқиб кетасиз...

* * *

Соғинч ҳам шунчалар азобли бўладими? Қандай манзарани ҳикоя қилдингиз? Тасаввурингиздами?.. Мен етаклаган бола ким?..
Кўнгил тубида пинҳон тутган кўпгина сирларни ошкор қилишга тўғри келаяпти... Сизни қанчалар кўнглимга яқин олишимни ёлғиз ўзим билар эдим, фақат ўзим тушунар эдим. Энди эса ҳар кимга насиб этавермайдиган меҳр, бокира туйғулар...
Майли, ўша тор ва узун кўчадан чиқиб бораётган, чеҳрасидан таралаётган биллурий нур оёғининг остига поёндоз бўлаётган (чиндан шундайми?) жувон мен бўлай, кўча бошида кутаётган Сиз бўлинг. Айрилиқнинг адоғи – соғинч, айрилиқнинг меваси – соғинч... Сиз, мен... кумуш поёндоз тўшаётган тонг...
Сизга нисбатан кўнглим тубида асраган пинҳоний муносабатимни ҳеч қачон сездирмайман, ошкор этмайман, бу сир меники, унинг беғубор ва самимийлигига бирон кимса шубҳа қилмаслиги керак, зинҳор унга гард юқтирмайман деб ўйлар эдим. Уни Сизга ҳам айтмасликка онт ичгандим, чунки, ҳатто Сиз ҳам мендаги туйғуларни, Ўзингизга бўлган меҳрни тўғри тушунмайсиз деган хавотир бор эди менда.
Шунинг учун ёнгинангиздан лом-мим демай ўтгандирман...
Сўз билан тасвирланган манзарангизни ўқиб ўзимга ҳавасим келди. Илгари бошқаларга ҳавас қилардим, кейинги пайтларда фақат ўзимга ҳавас қиляпман... Суйдирадиган, куйдирадиган сўзларингизнинг ҳамма-ҳаммаси меникими? Фақат меники-а?..
Сўзларингизни эшитаётгандек, нигоҳингизни кўраётгандек йиғладим...
Уйда, иш жойимда, қариндош-уруғларим орасида ҳамма бирдек ҳурмат қилади, зъзозлайди, эъзозлашади. Фақат Сизчалик эмас... Кўкларга кўтаргувчи мақтовларингиз учун миннатдорлигимни қандай изҳор этишни билмайман. “Раҳмат” дея оламан, холос...
Ёдимдан кўтарилай дебди! “Кўп мажнунлик қилманг”, деб ёзгандим, унутдингизми дейман?.. Эртаю кеч мени ўйлайвермай, хаёлларингизга тин беринг. Эртага якшанба, ҳордиқ кунларини ортиқча ўй сурмай, ортиқча изтиробларга берилмай ўтказинг, хўп?..

9

... якшанбани Сиз айтгандай ўтказдим. Уйга қамалиб, ортиқча изтироб чекмай деган ўйда ташқарига чиқдим. Жим-жит, дарахт барглари қилт этмайди, ҳайрон бўлдим, нега борлиқ сукутда?.. Ниманинг хаёлини сураяпти, қизиқ... Бирдан аллақайда мусича чўзиб ку-кулади. Шу қадар нола қилдики, мусичанинг товушида шу қадар мунг, шу қадар соғинч, шу қадар дард борлигини биринчи бор илғашим... Сизни эсладим... Мусича яна ку-кулади, азбаройи ҳовли жаранглаб кетди, беозор парранданинг бўғиқроқ товуши менинг ичимдан эшитилаётгандек бўлди... Бу товуш Сизни чақираётган, Сизни чорлаётган эди... Сезяпсизми, Сизнинг сўзингиздан чиқмай ортиқча изтиробларга берилмасликка уринганим сайин Сизни ўйламаслик, Сизни хаёлдан қувиб чиқариш эпини тополмадим.
Биласизми, нега шундай бўлди? Нафас олмай яшашнинг иложи йўқ-ку, тўғрими? Шундай экан, ахир, Сиз ҳар лаҳза қонимни, руҳимни ҳаракатга солаётган нафасимнинг ичидасиз… Менга ҳаёт бахш этиб турган нафасларим ичидаги хилқатни қандай қилиб унутай, уни хаёлларим пўртанасидан қувиб чиқарай?!
“Раҳмат”ингиз қабул. Ҳар ёзган хатингиз – раҳмат, хатингиздаги ҳар сўзу ҳар ҳарфингиз – раҳмат. Сизнинг борлигингиз раҳмат, мен учун, жоним!..
Адангизни танийман. Кўпни кўрган, босиқ диёнатли инсон эканликлари қиёфаларидан сезилади. Шундай меҳри дарё отанинг Сиздек фарзанди кимсага ёмонлик соғинмаслиги табиий. Сиз бошқаларга зарда қилганингизни кўрмадим, эшитмадим. Фақат, меҳру муҳаббатга сазовор бўлиш учун бу фазилатнинг ўзи кифоя эмас.
Самовий туйғуларни жўн иборалар билан ифодалаш мушкуллигини тушунасиз (ёзгандим-а?), деган фикрдаман. Шундай экан, тўғри қабул қилинг, мен назарда тутаётган муҳаббат гирдобига ғарқ бўлмоқ учун, менинг орзуимдаги самога кўтарилмоқ учун минг карра ишлов берилган олмос, дур, гавҳарнинг асиласига айланмоғи зарур, қалб! Башорат қилинг-чи: орзуимдаги кўкларга юксалиш бизга насиб этадими?..
“Сиз осмондасиз” деб ёзган эдингиз. Ундай эмас, мен орзу қилган фалакка ёлғиз чиқиш мумкинми? Ёлғиз кимсага нима бор у ёқларда?
Сизнинг сеҳрингизга боғланган энг беғубор туйғуларимдан туғилган руҳим учиб юргандир, ҳойнаҳой?.. Ўзим эмас. Мен – ердаман, Сизнинг ёнингизда. Фалакнинг адоқсиз ceҳpy жозибасига, фоний дунё синоатларига Сизда топганим – қалб ва тан поклиги – оқ-оппоқ ранглар орқали боқа олганим эвазигагина ўша осмонларни илғай олгандирман...
Ёлғиз қанот қушлар осмон қатларига учиб етолмайдилар...
... нафис хитойи чинни, “Тушириб юбормай!” деган хавотирда кафтларимда авайлаб тутаман. “Тушиб кетса-я!” – хавотир, қўрқув, ҳаяжон... Тушириб юбормай-да!.. Ардоқлашга қудрат бер, Ўзинг!..
Аввал ёзган хатларингиздан бирида ўқидим: “Кўнглимдаги гапларни ёзганим сайин улар асл маъносини, жозибасини йўқотаётгандек туюлади...” Бошқа юпанчимиз ҳам йўқ-ку, ахир. Орамиздаги ёлғиз Аллоҳга аён ришталар сеҳрини сақлаш ва ардоқлашнинг мактубдан бўлак яна қандай чораси, имкони бор?
Дил изҳори, дил баёни, дил рози, холос...
Ёзганим сайин гапларим қайнаб чиқаётганга ўхшайди. Ёзавераман. Ёзишмаларимиз нарвон янглиғ бизни арш чаманзорларига олиб чиқади. Бу – оппоқ самимият, тонгдек бeғyбop, норасида гўдак нафаси янглиғ ҳалоллик нарвони бўлади...

* * *

Неча кунлардан бери тушимда кўраман. Телефон ҳар сафар жиринглаганда ўрнимдан ирғиб тураман. Эшик ҳар сафар очилганда “ялт” этиб қарайман... Пиёда юргим келади... хаёл олиб қочади. Суҳбатларингизни эслаймай, йўл усти хатларингизга қайта-қайта кўз югуртираман, бир кулиб – бир атрофга жавдирайман.
“Узоқ-узоқларга кетгиси келади, одам” деган эдингиз. Назаримда, ҳозир жуда узоқдасиз...
Тушларимдан бирини айтайми?..
Хонангизга чақиртирибсиз. Шошилиб кирдим. Беш-олти нотаниш қиз хонангизни артиб-суртишяпти, безатишяпти. Шинамгина!..
Сизга кўзим тушди. Сиз (айтаверайми?) яп-янги, чўғдек гилам устида ёнбошлаб дам оляпсиз. (Шунча қизнинг кўз ўнгида нима қилиб ётибсиз?!) Тепангизга бордим, қара-аб туриб қолдим.
– Мени шу аҳволга солдингиз. Келмай қўйдингиз, мана, туролмаяпман, – дедингиз.
Кайфиятингиз эса чоғ, кулимсираяпсиз. Ошиқиб, қўлимни чўздим, бармоқларимдан қаттиқ, лекин авайлабгина тутдингиз-да, ирғиб қад ростладингиз.
Қаддингиз сира букилмасин...
Тўғри тушунинг, мен Сизга назокатли, фаросатли, беҳад соҳибжамол қизларни раво кўраман. Бордию, мени сирдош тутсангиз-да, ўшандай қизга кўнгил қўйганингизни айтсангиз чин дилдан қувонган бўлур эдим. Сиз эса... ахир ўзим биламан, қандайлигимни!.. Ўжарман, инжиқлигим ҳам етарли, йиғлоқиман... Қолганини айтмай, тағин ёмон кўриб қолманг. Суюкли бўлиш қандай яхши!..
Кўнглингиз нигоҳи менга тушди. Хатларингиз – Аллоҳ инъом этган тиллоларим менинг! Уларни ўқиб, бу бахтдан бошим айланиб, ҳеч ким ва ҳеч нима билан ҳисоблашмай, андишаю истиҳолани йиғиштириб ҳаммага мақтангим келаверади.
Биламан, Сиз билан менинг орамиздаги дўстликни, беғубор руҳий яқинликни ҳеч кимса тўғри қабул қилмайди.
Бир-биримизни тушунсак бас, шундай эмасми?.. Самовий таърифу тавсифлар, ҳароратли эҳтирослар, қўш қанотли қушлар парвози...
Ҳамон иккиланаман, юрагим орқага тортади – Сиз айтган осмонга чиқишга имконим етармикан?.. “Башорат қилинг-чи!” дейсиз-а!.. Мен кафтингизда авайлабгина тутиб бораётган нафи-ис хитойи чиннингиз бўлсам... Хитойи чиннидан ҳам башорат кутадими, одам?..
Тушириб юбормайсизми, тағин?..

10

... агар ҳар бир одам кимгадир Сиз ва мен каби кўнгил қўйса эди. Кўнгил қўя олса эди – бутун инсоният қавми орасидаги гина-кудуратлар, ихтилофлар барҳам топарди. Чунки оламни оқ рангларда, меҳр кўзи билан кўра олган инсон нигоҳида иллат қолмайди. Ҳар кишининг гўзал хулқ-атвори кўпайишига кимдир сабабчи бўлади. Дунёга тоза кўнгилда қарай билиш, одамларни катта муҳаббат билан сева олиш туйғуси ҳам жонзод янглиғ туғилади, юксалади.
... ўн уч ёшли бола, тенгқурлари қатори кўча чангитиб, тўп қувиб юрган болакай туйқус ён дафтар тута бошлади. Кўрган тушини, еган овқатини, онасининг танбеҳларини, қушларнинг сайрашини, кучукчаларни яхши кўришини... қўшни синфдаги қизнинг юриш-туришини ёзиб боришга одатланди. Одатландию, дўстлари сингари терлаб-пишиб югуравермайдиган, шимининг чангини чўткалаб, туфлисини артиб-суртадиган, уйдами-дарсдами – юрган йўлида китоб ўқиш жиннисига айланди.
Ўзига қўшни синфдаги қизнинг назари билан қарай бошлаганини ўзи ҳам сезмади. Ён дафтарини қўлдан қўймади. Мурғак таассуротларини, одамларнинг бир-биридан ажойиблигини ўзича кашф қила бошлади. Ғайрат, ҳавас, севинч уйғонди унинг кўксида... Ўзини бирдан улғайгандай ҳис қилди. Фақат ундаги оламжаҳон ўзгаришдан қўшни синфдаги қиз бехабар, болага қандай таъсир ўтказгани – ёлғиз яратганга аён эди.
Бола мўъжизага ишонар, эрта ё индин ҳаётида фавқулодда мўъжиза юз беришини интиқ кутар, лекин ичида ғужғон ўйнаётган тўфонни ҳеч кимсага, яқин дўстларига-да ошкор этишни истамас эди..
“Мўъжиза” уйда – оила даврасида юз берди: ўн уч ёшли бола ён дафтарчасини йўқотди!.. Азбаройи талвасага тушди. У қўшнининг сержун ити болдиридан тишлаганида ҳам, қатиқ олиш учун гузарга борганида икки найнов оғайни шапалоқ уриб, тепкилаганида ҳам, ариқ ёқасидаги кулбада ёлғиз яшайдиган телба хотин “Бурдалаб ташлайман!” дея тишларини тақиллатиб қувлаганида ҳам бунчалик юрак олдирмаган эди.
Ён дафтарча қаёққа ғойиб бўлди? Ким олди уни? Кимга зарур экан ўн уч ёшли болакайнинг ён дафтарчаси?..
Оқшом овқатдан сўнг шошиб ўрнидан турди, хаёли жойида эмасди унинг. Ён дафтарчасини йўқотганини оғиз очиб айтолмади, уни ўзи излаши, топиши керак. Шарт! Топмаса...
– Ўтиринглар! – деди отаси ҳаммага қарата. Акалари, опалари, кеннойиси хонтахта теграсини тўлдиришди. – Қани, ўқи-чи!..
Муддаони тушунолмай ҳамма жим, катта аканинг қўлида... йўқолган дафтарча пайдо бўлди!.. Ака уни ўқишга тутинди:
– “Катта танаффус... звонок чалинди... Классдан шошиб чиқдим, қарасам...” Xaҳ-ҳa-ҳa!..
Бола “ялт” этиб акасига қаради ва ўша заҳоти қайтиб бошини тиззалари узра солинтирди. Акаси мириқиб, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Кулатуриб дафтарчани хотинига узатди. Ундаги ёзувларни овоза қилишни кеннойи давом эттирди:
– “Бугун кўкиш кўйлай кийибди, ёқаси оппоқ. Кеча сариқ кўйлак кийганди. Юрганида этаги чиройли ҳилпирайди... Кўйлагинг чиройли экан, демоқчи эдим, айтолмадим...»
Бу сафар дастурхон атрофидагиларнинг ҳаммалари бараварига кулди. Катталар кулгидан ўзларини тўхтатолмагани сайин бола ўтирган жойида эзилиб, ерга кириб кетаверди.
“Тарбия соати” қанча давом этди, отаси, онаси, ака-опалари нима деб танбеҳ беришди – боланинг қулоғига кирмади. Ўн уч ёшли бола бамисоли оёқ остида мажақланиб эзилган майсанинг аҳволига тушди. Чурқ этиб товуш чиқармади. Уйдан ҳовлига, ҳовлидан қоп-қоронғи кўчага югуриб чиққандагина, ариқча ёқасида ўсган толнинг қуюқ зимистон панасига бориб чўк тушиб ўтиргачгина кўзи жиққа ёшга тўлганини пайқади...

* * *

...ўн уч ёшли болага ачиниб кетдим. Қоронғида тол панасида ич-эти эзилиб ўтиргани кўз ўнгимга келди. Бошини силаб юпатгим, кўнглини овлагим келди. Наҳотки, кап-катта одамлар болалик ҳавасини, унинг мурғак кўнглида одамларни яхши кўра олиш майли, туйғуси кўз очаётганини тушунишмади?! Ахир... меҳрни тушунтириш, ифодалаш, изоҳлаш қийин экан... Одамлар орасидаги ҳамма-ҳамма муносабатлар меҳр-муҳаббатни тушуна олишдан бошланади. Меҳрли бўлиш қанчалик машаққат, қадрлай билиш эса ундан-да мушкул.
Сиздан яширмайман, яшира олмайман: кўнгил қўйган кишиларим бўлган. Лекин ҳеч ким билан очиқчасига суҳбатлашиб, кўнглимда пинҳон тутган изҳоримни ҳам, изтиробимни ҳам ошкор этмаганман, айта олмаганман, ҳатто айтиш шарт эмас деб ҳисоблаганман. Қанчалар эзилиб, қийналиб, соғиниб яшасам-да, атрофдагилар назарида бефарқ ва совуққон кўриниб юраверганман. Энди ўйлаб кўрсам туйғуларимни, ҳиссиётларимни фақат Сиз қадрлай билибсиз, тилга кўчиришга журъат этмаган эҳтиросларимни баён қилишга йўл очибсиз. Шунинг учун ҳам орамиздаги муносабат “яхши кўраман” мазмунидаги дил изҳоридан а-анча юксакда деб ҳисоблайман. Сиз ҳам шундай фикрдасиз тўғрими? Уни, айниқса, Сиздек сезгир одамга изоҳлаш ортиқча.
Самимий, беғараз, гўзал муносабат...
Бир пайтлар, “кўнгил йўли олис” деган иборани тилга олгансиз. Ёдингиздами?.. Сўнг тушунтиргансиз. Мана, энди хатларингиз – кўнгилнинг ҳар ким илғай ололмайдиган, фаҳмлолмайдиган энг нозик кечинмаларию тебранишлари изҳори.
Сиз ўн уч ёшли боланинг изтиробларини ёзибсиз. Бу ёшдаги қизлар ўғил болаларга нисбатан кўпроқ нарсани тушуниб улгурадилар, зийрак бўладилар.
Шу ёшимда “Яхши кўриш нима? Одамлар нега бир-бирларини ёқтирадилар?” деган саволларга ўзимча жавоб топгим келарди. Қизлардан сўрай десам устимдан кулишади... Амаким бирга ўқийдиган қизни яхши кўрар эканлар. Шу гапни эшитганда ғалати бўлиб кетдим. Суюндим.
Амакимни уйлантирадиган бўлишди. Бувим қизни кўрибдилар, розилик билдирдилар. Уйимиздагилар қизнинг исмини очиқ-ойдин тилга олаверишди. Сал гап очилса амакимга қарайман, кўзлари чарақлаб кетганини сезаман... Қани эди, бувимгилар бўлажак келин ҳақида кўпроқ гапиришса-да, мен амакимнинг қувонишларини кузатаверсам...
Бироқ, катта амаким тўйга розилик бермадилар. Бошқаларни билмадиму, бу гап мени довдиратиб қўйди. Ахир мен ўзим танимаган-нетмаган ўша қизни аллақачон кеннойи қилиб улгурган эдим...
Ўзимча ҳукм чиқардим: амаким зинҳор бошқа қизга уйланмайдилар, ахир яхши кўрганини унутиш осонми? Мен не хаёлдаману, амаким... бошқага уйландилар. Тўғриси, амакимдан кўнглим қолди, шундай бўлса-да, у кишини зимдан кузатишда давом этдим. Амакимнинг кўзларида армон аломатларини изладим...
Аввалига келин кўзимга хунук кўринди. Гаплашгим ҳам келмади. У кун бўйи тиним билмас, елиб-югуриб хизмат қилар, катта-кичикка бирдек ширин муомала қиларди. Мени “сиз” сирашидан ҳайрон қолдим!..
Бир куни ошхонага югуриб кирсам, кеннойим йиғлаяпти!.. Мени кўрдию, шошиб кўзини артди, жилмайишга уринди ва бирдан, “Ҳеч кимга айтмайсиз-а” деб ёлбора кетди. Кеннойимнинг оппоқ пахтадек юзларига, мендан яшираётган қоп-қора кўзларига қараб туриб, шунақаям ачиндимки!..
Кеннойимни ёлғиз қўймайдган бўлдим. Уйга кирса – уйга, ошхонага кирса – ошхонага изидан кираман, қандай бўлмасин ёлғиз қолдирмасликка уриндим. Шунақаям яхши эдики!..
Амаким ва-ақтли кетиб, ке-еч келадилар, кеннойим индамайди, елиб-югуриб хизмат қилишдан тинмайди...
Ке-ечқурун икковимиз гаплаше-еб ўтиргандик.
– Сизга ҳавасим келади, – деди кеннойим.
– Вой, нега? – деб сўрадим.
Коннойим дам кулиб, дам ўйга толиб а-анча гапирди.
– Қизлик кезларим бир дунё орзуларим бор эди. Келин бўлиб тушдиму ҳаётим ўзгарди. Хаёлларим, орзуларим ўзгарди, ҳатто товушим бошқача бўлиб қолаётганга ўхшайди... Ҳеч кимга айтмайсиз-а?.. Мени бу ерда ҳеч ким хафа қилмайди, ойижон, амакингиз ҳам яхши одам эканлар. Фақат ўзим кўника олмаяпман. Ич-ичимдан шунақаям эзиламанки!.. Кўнгил қўя олмаслик... Сизчи, сиз фақат севиб турмуш қуринг, хўп?.. Мен... беркиниб йиғласам, сал енгил тортаман... Келин бўлиб тушган оиладагиларни, шу ердаги турмуш тарзини севиб-ардоқлаб яшашим керак, деб ўйлардим. Меҳрим, эътиборим, кўнглимдаги бор яхши ниятларимни шу ерга бахшида қиламан, деган ўйдан бўлак орзуим йўқ эди. Энг муҳими – одамларнинг кўнглига қараш, меҳрли бўлиш керак деб ҳисоблаганман, лекин... хаёл, орзу-ният бошқаю, ҳаёт бошқа экан. Меҳр-муҳаббатдан кўра оёқ-қўлнинг чаққонлиги, эпчиллиги, толиқмаслиги зарурроқ экан, оила учун...
... Кечирасиз, хатим чўзилиб кетди (Сизга ўхшаб ёзмоқчи эдим-да!) Инсон энг аввало меҳрли, муҳаббатли бўлиши, ҳамма нарсанинг яхши томонини кўра билиши муҳим, деб ўйлайман. Меҳрдан юксакроқ туйғу бормикан?! Дунёни ҳалокатдан асрайдиган гўзаллик ҳам меҳрда, меҳрда, меҳрда...

11

...ун уч ёшли қизчанинг (Сиз-а, ўша қиз?) – Сизнинг зийраклигингизга ҳавасим келди. Кеннойингизга ачиндим. Ўн уч ёшингиздаёқ шу қадар таъсирчан, шу қадар сезгир бўлган экансиз!..
Кулмасангиз бир сирни очай: Сизлар ўтирадиган хонага турли баҳоналар билан кириб-чиқиб юрган кезларим бирон ишга қўл урсам, Сизни назарда тутиб, “У нима дер экан?” деган савол билан ўзимни тергашга одатландим. Баъзан ўйламай-нетмай қилган ишимни, айтган сўзимни сизнинг ҳукмингиздан ўтказиб, хижолат чеккан пайтларим бўлган.
Назарингиз тарбиячимга айланган эди, менинг.
... беш-олти йиллик ички бир ҳавас, ботиний ҳурмат дуру гавҳарга, ёқутга айланди, энди дунёни шу жавоҳир орқали кўришга маҳкумман... Осмонлар, одамлар... гуллар, гўдаклар... тунлар, кундузлар – ҳамма-ҳаммасини ушбу бокиралик тимсолида идрок этиш мен учун ҳаловот. Сизга етиша олмаслик, айрилиқ, соғинч руҳимдаги гўзаллик туйғусини кемиради... “Беғубор туйғуларингиз ва эҳтиросларингизга гард қўндирмай ардоқлашга имконим етармикан?” деган хавотирингиз асоссиз. Имконингиз етади. Бунинг учун мен мажнунона севган ва ардоқлаш орзусидаги Ўзингиздаги туйғулар бокиралигига гард юқтирмасангиз бас.
Ўтинчим шу: Сизга, Сизнинг шаънингизга қўнадиган ғуборларга кафтимни, юзларимни тутай!..
“Оқила, фаросатли қиз бўлишга, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан” деган сўзларингизга суянаман, жоним.
Тушингизда хонамга кириб, мени ётган жойимдан турғазибсиз. Узр, тепамга Сиз келибсизу, гина қилганимни қаранг!..
Яна бир мўъжиза: айни Сиз тушингизда тепамга келган пайтда мен... уйимда ётган жойимда уйғониб кетдим!.. Зим-зиё тун. Кўчадаги симёғоч чироғи қуюқ дарахт шохлари оралаб ётоқ хонамни ола-чалпоқ ёритган. Кўзимни очдиму, энгашганча менга тикилиб турганингизни кўрдим. Ҳушимни йиғиб улгурмай, савол қотдим:
– Уришганимга жаҳлингиз чиқдими?
Ўйладим: “Қачон уришдим?.. Нега, қайси гуноҳи учун уришай, уни?.. Дийдорига етишолмай юрган қизни уришиш?..” Бош чайқадингиз.
– Сиздан жаҳлим чиқмайди, – дедингиз кулиб. – Уришсангиз қанийди!.. Жон-жон деб қулоқ солар эдим, танбеҳларингизга. Фақат, арзимаган нарсаларга асабингизни бузаётганингиз... Асабингизни асранг, демоқчи эдим...
Уйқум ўчди...
– Арзимаган нарсаларми? – деб сўрадим.
Жимсиз. Гапирмайсиз. “Гапларим кўп” дейсизу, айтмайсиз. Ёки сукут сақлаб, мен учун қандайдир қизларни раво кўраётган бўлманг, тағин?..
Кафтимдаги хитойи чинни нақадар нафис!..
“Суюкли бўлиш қандайин яхши!..”
Бундай ўйлар чалғитгудай бўлса сукут сақлашга йўл қўймайман. Хурсанддирсизу севинчингизни, хафасизу ранжиганингизни, йиғлайсизу кўз ёшларингизни ошкор этмайсиз.
Бизни яқинлаштирган самимият бу тўсиқни бузишга ожизми?.. Қани, ўша самимият?..
Йўқ, изтиробга тушганимдан безовта бўлманг. Бу изтироблар қалбни поклайдиган, Сизни янада суюкли қиладиган, инсонни юз чандон инсонийлаштирадиган изтироблар. Не-не одамлар бундайин нозик кечинмалардан бебаҳра ўтадилар дунёдан.
– “Менга бера қолинг ҳар қанча азобларингизни!” Нималар деяпсиз!.. Қалби ана шундай изтироблар чашмасида ювилган покиза одамларгина бундай ҳамдардликка қодир бўладилар. Бундай қалб Соҳибасига азобларимни эмас, роҳатларимни, ҳаловатларимни, севинчларим, шукроналаримни, кўнгилнинг беғубор гўшаларида кўз очган арзанда ҳисларимни раво кўраман!..

* * *

...жудаям бошқачасиз! Кўнгил тубидаги эҳтиросу ҳаяжонларингизни батафсил тасвирлай олишингизга ҳайрон қоламан. Сизга ўхшатиб ёзолмайман.
Сизга мен ўзимни ҳам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб...

Қалай, шоирликни эплар эканманми?..
Узоқроқ суҳбатлашгим, гапиравериб қулоғингизни битиргим келади, ичим тўла сирларга ошно қилгим келади. Лекин, Сизчалик ўхшатиб гапиролмайман, ёзолмайман...
“Дунёга Сизнинг назарингиз билан қараяпман!” деяпсизми? Уялтирманг. Бундай мартаба, иззат-обрўга эришишга йўл бўлсин!.. Сиз билан юзма-юз келиб cyҳбатлашишга ўзини лойиқ кўролмаётган қиз бўлсам... Нима ўйласам, қандай юмушга қўл урсам – кўз ўнгимда Сиз пайдо бўласиз. Қилаётган ишим Сизнинг талабчан назарингизда тўғрими, Сиз қандай қарайсиз?.. Шу савол бирор дақиқа хаёлларимни тарк этмайди...
Ўжарлигимни айтгандим. Бирор нарсага қўл урдимми, бас, ундан сира қайтолмайман. Фақат ўзим қаттиқ кўнгил қўйган кишимгина мени қайсарликларимдан қайтариши мумкин. Яхши кўрган кишим кўнглидагидек қиз бўлиш – фикри-хаёлим шу бўлиб қолади.
Сиз шундай кишимсиз менинг... Бу гапни айтишдан истиҳола қилмайман, қизармайман. Сиз яхши кўришга арзийдиган инсонсиз. Қалбимда кўз очган ва очаётган илоҳий туйғулар учун Сизнинг борлигингизга шукр қиламан, мен жуда-жуда бахтли қизман.
Шунчалар яхши кўришингизга баъзан ҳали-ҳануз ишонолмайман, Сизнинг ёлғондан яхши кўришингиз ҳам мен учун барча ҳақиқатлардан афзалроқ!..
Шу-унча ҳаяжонлар орасида изтиробни улуғлаганингизни тушунолмадим, қўйинг, нима бўлганда ҳам изтироб-изтироб-да!.. Қийналишингизни зинҳор истамайман. Асабийлашсангиз ўзимни айбдор ҳисоблайман. Мен ҳақимда ортиқча қайғурманг, хавотирланманг деб майда-чуйда ҳасратларимни айтмай аяганим қайдаю, Сиз изтиробдан мазмун ва фароғат, ҳаловат ахтараётганингиз қайда!..
“Ҳаётда барча ҳақиқатлардан-да юксакроқ, улканроқ ҳақиқат бор” деб ёзганингиз ёдингиздами? Ўша ҳақиқатни кўра олиш бизга насиб этган экан, нега энди ортиқча изтироблардан озор чекишимиз керак?.. Сизнинг меҳрга тўла сўзларингиз, ёлғиз ўзимгагина аён беғубор нигоҳингиз мени қанчалар юксалтириб юборади. Тасаввур қилинг-а!.. Шундай улуғворлик насиб этган қиз ё йигит нега энди изтироблардан озор чекмоғи керак?..
Тушундингиз-а?..

12

“Сизчалик ўхшатиб ёзолмайман” дебсиз. Алдоқчисиз!.. Ахир Сиз топиб айтган гапларни ман-ман деган шоир-ёзувчининг китобларидаям учратмаганман.
Аслида... китоб жавони сотиб олмоқчиман. Нима қилсам экан: французларникини олайми ёки Италияда ишлангани дурустми? “Китоб жавонини нима қиласиз?” дейсизми?.. Сиз ёзган энг самимий, меҳрга тўла сўзларингизни жамлайман. Тушундингизми?

* * *

“Французларникини олайми ёки Италияда ишланганиними?” деб сўрабсиз. Энг кўп китоб жо бўладиган жавонни олинг, хўп?..
Тўғри-да, барибир Сизга ўхшатиб ёзолмайман. Сизнинг хатларингизга кўз югуртира бошлаган замоним, уларни Сиз ўзингиз шундоққина ёнимда туриб ўқиб бераётгандек бўласиз. Ҳайрон қоламан!..
Ўхшаши йўқ ўхшатишларингиз ҳайратга солади. Ана шу ҳайрат менга мўъжизадек таъсир ўтказади. Меҳр-муҳаббат антиқа мўъжизалар яратади, деганлари шу бўлса керак-да?!
Мен ана шундай мўъжизалар қуршовида яшаш орзусидаман.
Сиз мени ўзимдан-да яхшироқ тушунганингиз мўъжиза эмасми?! Бир-биримизни бир оғиз сўзда илғаб олишимиз ҳайратга арзимайдими?! Ёлғондан бўлсаям, арзийди, денг!..

13

“Нега мени бунчалик севасиз?” деб сўрабсиз.
Саволингизга энг қисқа ва осон жавобимни айтайми?.. Севганим учун севаман! Шундай бўлса-да, ҳар лаҳза, ҳар нафас шу саволга жавоб излайман. Нечоғли кўпроқ ва чуқурроқ жавоб изласам Сиз ҳақингизда шу қадар ширин хаёлларга ғарқ бўламан. Бу қадар телбаларча севишимни Сизга янаям ишонарлироқ тушунтиришни истайман. Сиз ҳамма-ҳаммасини тушунасиз, ҳис қиласиз ва шу қадар иродалисизки!..
Нега сир бой бергингиз келмайди?..
Ирода эҳтиросни жиловлайди, жиловланган эҳтирос кўнгил тубидаги туйғуларнинг юзага қалқиб чиқишига йўл қўймайди.
Феълингиздаги шу “ғалати”ликни сезганим сайин Сиздан узоқлашиб бораётганга, Сизни йўқотиб қўяётганга ўхшайман...
Ҳар сафар Сиздан хат келишини орзиқиб кутаман. Негадир, “Келмай қолса-я!” деган хавотирда юрагимни ҳовучлаб юраман. Хатни кўраману, ўзимни босолмайман, бошқара олмайман. Эгасини соғинган итни айтиб берганмидим?..
Ўқувчилик йилларим эди. Кўчада адашиб юрган каттагина итни занжирлаб олиб, ҳовлимизга боғлаб қўйдим. Қимир этмай ётгани-ётган, товуши чиқмайди. Олдинги оёқларига тумшуғини қўйиб бир нуқтага тикилганича, лунжини осилтириб ётаверади. Разм солиб қарасам, тим қора кўзлари ғилт-ғилт ёшланаётганга ўхшади.
Тутқинлик икки ҳафтага етди. Итнинг авзойи ўзгармади. Берган овқатимни чимдиб қўяди, холос.
Нотаниш мўйсафид кўчамизга икки марта итини излаб келибди. Кўнгли бирор нарсани сезганми, учинчи қайта ҳам келди, суриштирди. Ойим (раҳматли), “Бериб юбор, бари бир сенга кўникмаяпти, эгасини кўрмаса ўлиб қолади” дедилар.
Чол учинчи келишида уни ҳовлимизга бошлаб кирдим. Мўйсафид итини кўрдию, “Воҳ, жоним!” деганча деворга беҳол суялиб, товуш чиқармай йиғлаб юборди.
Итнинг аҳволини тасвирлай олмайман... Чол итнинг ёнига келиб тиз чўкди, ит инграб юборди, ҳовлини жаранглатиб вовуллади, одам бўйи баравар сакраб ирғишлай бошлади, “ҳарс-ҳарс” нафас олганича эгасининг бетини, бўйни, қўллари, оёқларини ялаб-юлқай кетди!..
Қарасам, ҳовлининг нариги чеккасида онам кўзларида ёш, “Айтдим-а, болам! Жониворга шунчалик азоб бердинг-а!” деб турибдилар.
...энди, ҳар сафар Сиздан келадиган хат соғинчида ичим зардобга тўлиб, тоқатсизланганим сайин ўша итни эслайман. “Ўша итнинг қарғишига учрадимми ё?” деган ўйларга бораман.
Сизни ҳеч кимга, ҳеч нарсага раво кўрмайман. Мен кўрмаяпманми, бас, Сизни Сиз юрган жойлардан қизғанаман, мен билан бирга эмасмисиз, бас, Сизни менсиз қолган вақтлардан қизғанаман.
Бошингизни қўйган ёстиқдан, устингизга ёпинган кўрпадан рашк қиламан!.. Рашк ўтида ёнганим сайин ўзимдаги барча эзгулик ва маъқул фазилатлар фақат ва фақат Сизгагина насиб этишини, уларнинг қувончини Сиздагина кўришни истайман.
Шу эмасмикан, муҳаббат деганлари?
Сизни севишимнинг боиси, изоҳи ҳам шу эмасмикан?
Бир-биримиздан бехабар, орада шу-унча кўришмай юриб ҳам ўйловимиз, фикрларимиз ўхшашлигидан ҳайратга тушибсиз. Шу ҳайратлар қовуштирсин, бизни, жоним!..
Муҳаббат деганлари шу эмасми, азизим?! “Кўнглим жуда нозик” дейсиз. Ўша нозикликка топинай, жоним!..
Ўша нафис кўнгил заррача озорланмаслигини истайман. Ўша нозик кўнгил истакларини асраб-авайлаш, эҳтиётлаш, аъзозлаш бахтидан бенасиб эканимдан эзиламан.
Ажабланманг, мен Сизнинг олдингизда гўдак боладек ҳис қиламан, ўзимни. Эркаланиб-тантиғланиб онажонининг кўксига юзини босадиган, нима деса вужуди тўла ишонч билан қулоқ соладиган, эртаклардан чиқиб келган фаришталарни кўрганда ақли шошиб қоладиган боламан...
Сиз туфайли ҳаётни шу қадар мўъжизакор, сезҳрларга бой кўраман-ки!.. Шу боис нима десангиз жон қулоғим билан тинглайман, нима десангиз сўзингизни икки қилмай бош эгаман, тирноқча ранжисангиз – тоғдек юк остида қоламан, ич-ичингиздан энтикиб кулсангиз дунёда энг бахтиёр одамга айланаман.
Шунақаман.
Шундай одам қилиб қўйдингиз мени.
Тағин, “Ёмонлигимни кўрсатиб қўяман” деб ёзибсиз.
Кўрсата олмайсиз! Ҳар қандай одам ўзида борини кўрсатади, Сизга эса Худо ёмонлик ато этмаган...
Сезяпман, Сиз муносабатларимиз яқинлашиб, қуюқлашиб кетишини истамаяпсиз. Шунинг учун ҳам ёмонлигингизни кўрсатиб қўймоқчи бўляпсиз. Ёдингизда тутинг, Сиздаги барча ёмонлик мен учун фазилат ҳисобланади. Сиз ўзингиздан мени айнитадиган ёмонлик тополмайсиз.
Наполеон Жозефинага хат ёзиб, “Эҳ, ўтиниб сўрайман, менга ўз камчиликларингни кўрсат! Бунчалик соҳибжамол, бунчайин хушмуомала, нафис ва яхши бўлмай қўя қол!” дея илтижо қилган. Азбаройи қалбидаги севги ҳароратига дош беролмаганидан ёзган, ёзгану мубталолик дардидан баттарроқ азобланган. Азоблангани сайин эса Наполеон... йўқ, мен парирўй малоикалар салтанатидан чиқиб келаётган ва менга табассум ҳадя этган Сиз ёлғизимни куйдиргувчи миллион ўпичлар билан кўмиб ташлагим келади.
... “Нега мени бунчалик севасиз?” деб сўрайсиз-а! Саволингизга энг осон ва қисқа жавобимни айтай: севганим учун севаман...

* * *

Мен Сиз ўйлаганчалик иродали эмасман. Эҳтимол мутлақо иродасиздирман...
Тўғри ёзибсиз, кўнгил тубидаги эҳтиросларни жиловлашдан ўзга иложим йўқ. Нега энди сир бой беришим керак?
Бундай десам, айтмаган сир-асрорим қолмади, шекилли?..
Балки мен Сизни йўқотиб қўярман, аммо-лекин Сиз мени йўқотмайсиз, ҳеч қачон йўқотмайсиз. Биз бир-биримизни ҳеч қачон йўқотмаймиз ва... тополмасак ҳам керак...
Эгасини соғинган ит ҳикоясидан қаттиқ таъсирландим. Таъсирландиму, Сизнинг ҳозирги аҳволингизни нима дахли бор, унга? Наҳот, болалик кезларингизда итга етказган озорингиздан ҳозиргача шу қадар изтироб чекаётган бўлсангиз?
Қўйинг, ундай деманг! Фақат... мен ҳам Сизни ўша ўзингиз тасвирлаган жонивордек соғинишимга ишонасизми?..
Сизни шу қадар соғинган қиз Сиз мени қизганганчалик қизғанмайди деб ўйлайсизми!.. Ҳар сафар ёстиққа бош қўяётиб ёзганларингиз кўз ўнгимдан ўтади, овозингиз қулоғимда шивирлайди, хўрлигим келади... жуда-жуда соғиниб кетаман...
Мен муҳаббатни Сиз тасвирлаганчалик баён қилиб беролмайман. Сизнинг батафсил тасвирларингизни ўқиб Сиздек сирдошим борлигидан фахрланаман, бошим осмонга етади.
Менга, шу-унча эҳтирос, шу-унча дил изҳори – ҳамма-ҳаммаси ёлғиз ўзимга-я?!
Сиздек зийрак одам ёмонликларимни илғамаётганингизга ҳайронман. Ҳайрон бўлганим сайин... Қандай яхши-я, сени беқусур кўрса, одамлар!..
Доим ёзганимдек, Сиздек ўхшатиб тасвирлашга ожизлик қиламан. “Сиз туфайли ҳаётни шу қадар мўъжизакор, сеҳрларга бой кўраманки! – деб ёзибсиз. – ... Тирноқча ранжисангиз – тоғдек юк остида қоламан, ич-ичингиздан энтикиб кулсангиз дунёда энг бахтиёр одамга айланаман”.
Хатингиздаги шу сўзларни қайта-қайта ўқидим. Агар Сиз Наполеонга, мен Жозефинага айлансак агар Сиз француз қўмондони каби миллион ўпичлар билан кўмиб ташлагудек бўлсангиз, биласизми, мен нима қиламан?
Хатларингизнинг ҳаммасини бир бошдан ўзингизга ўқитардим. “Наҳотки, мени шунчалар севасиз-а?” деб минг марталаб сўрайверардим.

14

... хатнинг охирини юз марталаб ўқидим. Минг марталаб берадиган саволингизга миллион марталаб жавоб айтишга ҳозирман, жоним!..
Дарвоқе, ёмонлигингизни топдим: хатингизни кутган ҳар куним – ёмонлик! Хат ёзмай қўйиш ҳақидаги ниятингиз ёмонлик!
Бундан баттар ёмон кунларни бошимга солмоқчимисиз, ё?!
Соғинчнинг изтиробли дақиқаларида бир кашфиёт қилдим: соғинч лаҳзаларини бани башар кўниккан вақт ўлчови билан ўлчаб бўлмайди. Зеро, соғинчнинг ҳар лаҳзасида юзлаб кунларга татигулик азоб-уқубатлар мужассам топади.
Ичингизда бўла туриб соғинаман, Сизни ичимга жо қилиб қўйиб – излайман...
Соғинч изтироблари қаттиқ қисувга олган лаҳзалар рўпарамда Сизнинг маъюс ва нурдек оппоқ чеҳрангиз пайдо бўлади ва юзимни оппоқ, мулойим ва майин шабада эркалайди. Оппоқ шабадани бағримга босаман, шабаданинг ипакдек майин бармоқларига бетимни тутаман.
Баъзан хат ёзиш бачканаликдек туюлади ўзимга, лекин мендаги хат ёзиш дардини Сиз тушунасиз деган ишонч тасалли беради ҳар сафар. Чунки кўнгилни тушунадиган кишилар одамларни ҳам жуда нозик ва тиниқ тушунадилар деб ўйлайман. Кўнгил майли билан хат ёзиш ўртасида сеҳрли қудрат яширинганга ўхшайди. Бу сеҳрли қудрат одамни тушуна билиш сеҳри эмасми, жоним?
Одамни бир оғиз сўзда катта меҳр-муҳаббат билан илғаб олиш ва унга яраша покиза майл билан жавоб бера олиш – эҳтимол, буни ҳам муҳаббат дея талқин этиш хато эмасдир! Илоҳий мўъжиза, самовий, руҳий яқинлик деганлари шудир?!
Мен дунёга келиб шундай бахтга эришдим. Шуни топдим. Топдим-у... мутассил соғинишлар, ҳижрон лаҳзалари, соатлари, кунлари чеккан азобларим, хат олган дақиқалардаги адоқсиз қувончлар ҳаётимнинг мазмунига айланди. Айланди-ю... мени шу кўйларга солаётган жони жаҳонимнинг васлига етолмаслик азоби қалбимни жодига солиб ўртамоқда. Қизиқ, биз бир-биримизга шунчалик интилсак-да, интиқ бўлсак-да, Худо сизу мени бир-бировимиз учун яратганига юзлаб, минглаб далилу далолатлар топсак-да, топиша олмаслигимиз, қўлимизни қўлимизга беролмаслигимиз аянчли эмасми?!
Наҳот, Сиз ёки Сизга нисбатан кўнглимда туғилган телба муҳаббат фақат ва фақат ўзимнинг устимдан кулиш учун яралган бўлса?! Бирон кимсага лом-мим деб оғиз очолмайман, аччиқ-аччиқ куламан, холос. Соғинчнинг зўридан эзилиб-кичрайиб, ҳолсизланиб қолган лаҳзаларда – бедор тунлар юрак дукуридан ўзга ҳамроҳ тополмай аламдан аввал ўзимга маломат тошларини ёғдираман, сўнг Сизни айблашга ўтаман. Айблайман... ардоқлайман... соғинаман... Ўзимни зўрлаб бўлса-да, Сизни эсламасликка, исмингизу суратингизни хотирамда тикламасликка уринаман ва ҳарчанд уринганим сари... Сизни аввалгидан кўра қаттиқроқ яхши кўриб қоламан, аввалгидан кўпроқ ва тезроқ соғинаман, Сизга аталган қайноқ эҳтиросларимни аввалгидан кўра ёниб-тошиб изҳор этиш эҳтиёжи ортиб боради...
Жоним! “Ёмонликларимни сезмаяпсиз” деб ёзибсиз. Мен Сизнинг яхшиликларингизга мастман. Мен Сиздаги яхшиликлар билан яшаяпман. Мен Сизда кўрган яхшиликларни йиғиб-йиғиб асраб, ясатиб қўяман. “Қаерга?” дейсизми? Юрагимга, юрагимнинг жавонларига китоб янглиғ териб қўяман. Кўнглим тўридаги китоб жавонлари Сизнинг яхшиликларингизга тўлиб-тошиб бормоқда. Китоб жавонлари эса беҳисоб...

* * *

Сизга шунчалик озор етказаётганимдан қанчалик хижолат чекмай тақдир бизни бир-бировимизга раво кўрмаганга ўхшайди. Билмайман, айтолмайман ҳам: эҳтимол бир-бировимизга шу қадар телбаларча интилганимиз учун ҳам етишолмасмиз?! Лайли-Мажнунликнинг ҳам чеки-чегараси бордир, ахир?..
Шундай дейману, соғинч лаҳзаларини ҳамма кўниккан вақт ўлчови билан ўлчаб бўлмаслигини ҳис қиламан. “Сизнинг соғинчларингиз менинг қайноқ ва ўтли соғинчларим ёнида исиниб олсин” десам ранжимайсизми?
Биласизми, айтаверайми?.. Сиз билан йигирма тўрт соат ёнма-ён, минг йил яшасам-да, соғинчларим тугамайди, мен Сизнинг ичингизда, Сиз менинг ичимда яшасак-да, соғинч мени тарк этмайди.
Фикрларимиз, қарашларимиз икки томчи сувдек ўхшашлиги мени жуда кўплаб марта лол қолдирган, бу ўхшашликни умр бўйи эслаб, хотирлаб юраман... Сизнинг хаёлларингизни остин-устун қилган ўзимдаги фазилатларни (ростдан ҳам борми, улар?) топиб, ардоқлаб яшайман.
Менга қолса, Сизни ҳеч кимга кўрсатмай яшириб қўйгим, Сизнинг меҳрибон сўзларингизга бутун вужудим билан қулоқ тутиб ўтиргим келади, лекин...
Хат ёзишнинг сеҳрини тушунтиришга уринибсиз. Сизнинг хатларингиздан кўра каттароқ қувончи бўлмаган одам наҳотки хат ёзишни бачканалик деб тушунса?! Қизиқсиз-а!.. Ахир, хат алмаша бошлаганимиз қанчалик кашфиёт бўлди мен учун! Иккимиз учун энг ардоқли, илоҳий, гўзал муносабатларимиз хотираномасига айланади, бу мактублар. Шундай эмасми?!
Хатларни ўқиганим сайин мен ўзимни яхшироқ танияпман, ўзимни кўпроқ топаяпман.
Феълимда Сизга маъқул фазилатлар топилса, уларнинг бари фақат ва фақат Сиз туфайли, деб биламан. Шуни унутмасангиз бас!..
Қайси бир хатимда адамни ёзгандим. Адамни қанчалик ҳурмат қилишимни ҳеч кимга оғиз очиб айтган эмасдим, негадир у киши ҳақларида Сизга кўп-кўп ёзгим келаверади.
Адам билан суҳбатлашсам мутлақо бошқача одам бўлиб қоламан. Ҳеч қандай фикрларини рад этмайман, адам заррача ранжишларини истамайман. Адамнинг кўнгиллари озор топмаслиги учун ҳатто жуда-жуда тўғри мулоҳазаларимдан-да воз кечишга тайёр тураман. Адамнинг севинчлари учун ўзим эплолмаган, истамаган юмушларни-да заррача иккиланмай, осонгина бажараман.
Қанчалик уринмай, ҳаётда бошқа бирор кишига нисбатан бунчалик фидойилик қилолмаслигимдан ҳайратга тушардим. Буни қарангки... хаёлимда энг яхши туйғу ва истакларимни шу кишига раво кўрадиган бўлдим... Сиз биздан кетаётганингизда мен Сизни эмас, ўзимни йўқотиб қўйганман. Тасвирлаб бўлмас ҳолатлар, муносабатлар қайтиб такрорланмаслигини ўйлаб, юракларим opқaга тортиб кетган.
Ҳар бир одамни ҳеч кимса ўзи тушунганчалик тушунолмайди деб ўйлардим, Сиз мени ўзимдан кўра чуқурроқ тушунишингиздан ақлим лол қолди. Ҳатто айтмаган, айтолмаган фикр-ўйларимни-да илғайсиз-а! Мени ҳеч ким Сиз тушунганчалик тушунмайди, яхши кўрмайди. Аммо-лекин, бу тушуниш, бу кўнгил яқинлиги Сизу менга фақат яхшилик ва қувонч келтиради деб ўйлайсизми?..
Афсус, бундай эмас... Негалигини мен изоҳлаб беролмайман. Кўнглимнинг туб-тубида умрбод Сизни ардоқлаб ўтишимни унутмасангиз бас... Биламан, Сизсиз, Сизнинг ҳароратли мактубларингизсиз кунларим жуда-жуда ғариблашиб қолган бўлур эди. Мен бундай ғарибликка дош беролмайман. Ҳар лаҳза, ҳар қадамимда Сизнинг тотли хаёлларингиз, гўзал орзуларингизга қоришиқ эъзозларингизни, соғинчу изтиробларингизни ҳис этиб яшайман.
Ҳа-я, қалбингиздаги жавон қанчалик кўп бўлмасин, хавотир олманг, у жавонларга арзирли сўзларни ўзим топиб бераман, ўзим!..
Эҳтимол, бизнинг рўёбга чиқмаган муҳаббатимиз мактубларда боқийликка айланар? Муҳаббатнинг ўзидан кўра у ҳақдаги достонларнинг боқийлиги шундан эмасми?..
Соғинч кўнгилнинг уйғоқлигини синайди, деб ёзган эди бир шоир. Соғинч – азоб, изтироб, армон, аммо, бари бир борлиги яхши...
Шунга кўникканимиз маъқулга ўхшайди... Келинг, бир оз бардошли бўлайлик, иродамиз кўнглимизнинг тизгинсиз майлларини қўлга олсин. Мени беҳад ҳурмат қилганингиз учун ҳам сўзимни ерда қолдирмайсиз деган умиддаман. Севиб, соғиниб... айрилиққа бардошли гавҳарингиз...

15

... хатингизни ўқиб ўтириб, деразадан боққа термилганча узоқ вақт ўйга толдим. Жим-жит, қуп-қуруқ шохлар тарвақайлаб ўсган. Боғ кўнглим каби ҳувиллаган... Дарахт шохлари “Менинг гуноҳим нима?” дея самога чўзилган панжаларга ўхшайди. Хатда ёзганларингиз аста-секинлик билан жонимни ёндираётганга, куйдираётганга, ўртаётганга ўхшайди...
Айтинг, менга тушунтиринг, не сабабдан лайли-мажнунлик қилмаслигимиз керак? Қайси гуноҳларимиз учун тақдир бизни қовуштирмаслиги лозим? Нега? Шундай экан, нима сабабдан у бизни топиштирди, қалбларимизни бунчайин яқинлаштирди?!
Мен Сизнинг бирор оғиз сўзингиз эътиборсиз қолишини истамайман. Бунинг учун ҳар қанча азобларга тайёрман. Яна чексиз-чегарасиз чўлу биёбонларга-да, бош олиб кетишга тайёрман. Ке-етаман қоламан... Сиздан хат кутмай яшаш азобига кўника бошлайман. Тушунаяпсизми, агар Сизга керак бўлса мен айрилиқ азобига ҳам розиман...

* * *

...илтимос, тушунинг, Сизни азобларга қолдириб кетиш ниятим йўқ. Сизни азобга қўйиб ўзим хотиржам юра олмайман. Ўйлаяпсизми?..
Такрор бўлса ҳам ёзай: Сиз яхши кўриб қолган қалбимдаги энг тоза, энг ширин, энг азиз тилакларим фақат Сизники. Сизни бутун умр соғиниб, излаб, чорлаб, қўмсаб яшаётган бир инсон борлигини унутманг, хўп?
Сизга азоб тугул, ғубор қўнишини ҳам раво кўрмайман.
Орамиздаги мактубий яқинлик назаримда умр бўйи вужуд-вужудимни ювиб-тарайди, поклайди...
Сизга ёзганларим ич-ичимда қайнаб-тошган энг эзгу ният ва эҳтиросларимнинг ўндан, эҳтимол, юздан бири, лекин Сиз менинг баён этмаган туйғуларимни ҳам илғаб олишингизни истайман.
Бир-биримизга йўллаган мактубларимиз мен учун энг тотли туш бўлиб қолади, бу “туш” мен учун роҳат-фароғат, ҳаловат кўчасига айланади, ёлғиз ўзим биладиган, ҳеч кимсани йўлатмайдиган бошпанам.
Биламан, Сизни кўпчилик ҳурмат қилади, яхши кўради. Майли, уларнинг сони кўпайгандан-кўпайсин, аммо Сиз ёлғиз мени .... ......, хўп?
Қадамингизга бахт, омад, шодлик ва яхшиликлар тўшалсин!..

16

... Қадамимга тўшалган яхшилик гулларининг ярмини Сизга атадим, жоним!.. Бу гул сўқмоғининг адоғида бизни... бепоён чўлу биёбон кутаётгандек... Тасаввур қилаяпсизми? Чўл. На уй, на одам, на гиёҳ, на-да тирик жон! Сиз билан мен ё-ёлғиз... Осмон тиниқ, мовий ёпинчиқ...
– Ёпинчиқми? Осмон-а?..
– Феруза ранг ёпинчиқ.
– Чеки?.. Муҳаббатли эъзознинг чеки-чегараси бўладими?
– Чегараси ёки меъёри ўлчанса муҳаббат бўладими?
– Бошқалар тугул, севишган қалб соҳибларининг ўзлари ҳам ошиқ-маъшуқлик чўққиси сари ердан нечоғли узоқлашиб кетганларини ўзлари ҳам билмайдилар.
– Билмаганлари учун ҳам ўзлари забт этаётган чўққининг қаерида ҳалокат кутиб турганини сезмайдилар.
– Муҳаббатнинг ҳалокатига аксари ердаги одамлар сабаб бўладилар.
– Икки севишган қалб эгаси руҳан юксалади, холос, улар жисман одамлар орасида қоладилар-ку!
– Энг мушкули ҳам шу эмасми?.. Руҳан юксакликда, жисман заминда яшаш...
– Ён-теваракдаги одамлар ҳаммани замин ўлчовлари билан баҳолайдилар.
– Севишганларни ҳам.
– Олиму шоирни ҳам! Рассому созандани ҳам!..
– Ва истаган дақиқада ҳар қандай нозик қалб, эҳтирос бандаларини ҳар қандай юксакликдан тортиб туширадилар.
– Бизни ҳам...
– Биз ҳам одамлар орасида яшаймиз-да...
– Қани, атрофимизда ҳеч зоғ йўқ-ку?
– Кўнгил кўзлари билан қарасак, ҳа, ҳеч зоғ йўқ. Кўнгил кўзи кўр бўлур, деганлари шу, зеро, кўнгил кўзи муҳаббатга лиммо-лим бўлур.
– Бўлак ҳеч нарса кўринмас...
– Сизни кўряпман-ку?..
– Мен – муҳаббат!..
– Мен ҳам муҳаббат!..
– Мен ҳам фақат Сизни кўраяпман...
– Муҳаббат туфайли мен ўзимни топдим!..
– Ўзимни танидим...
– Жоним ўртанди...
– Соғинчдан, жоним!..
– Соғинч – изтироб!..
– Кўнгил уйғоқлиги!..
– Ҳижрон-чи, ҳижрон?..
– Мен Сизни унутмайман...
– Пинҳон сиримиз Аллоҳга аён...
– Ўзи бизни топиштирди, бехабар қолармиди?!
– Яхшиям Сиз борсиз!..
– Сиз ҳам!..
– Тирноқча ранжисангиз – тоғдек юк остида қоламан, қувониб кулсангиз дунёда энг бахтиёр кимсага айланаман.
– Яна айтинг...
– Юз карра, минг карра айтаман, умр бўйи айтаман, жоним!..
– Бахтли кишиларгагина насиб этади бундайин севги!..
– Бахтли кишиларгагина татийди, бундайин севги!..
– …
– Чора йўқ, демоқчимисиз?.. Чорасизликдан чора излай-излай чора топаман. Ўзимни Сизнинг ичингиздан, Сизни ўзимнинг ичимдан топаман...
– Бари бир, соғинаман...
– Соғинчнинг ҳар лаҳзаси неча ойларга тенг...
– Куннинг йигирма тўрт соати бирга бўлсам, йигирма бешинчи соатда соғинаётган бўламан...
– Гўдак боланинг кўз ёшидек бокира соғинч!.. Сиздан узоқлашиб бораётганга, Сизни йўқотиб қўяётганга ўхшайман...
– Ҳеч қачон йўқотиб қўймайсиз!..
– Хатларингиз қўлимга етиб келишини орзиқиб кутаман, ниҳоят, хатни қўлимга тутиб, кўзимга суртиб ўқишга тутинаман ва хатнинг тугаб қолишини ўйлаб юракларим эзилиб кетади...
– Мен ҳам шу аҳволга тушаман...
– Сизни Сиз билан бирга бўлмаган вақтларимдан қизғанаман. Бошингизни қўйган ёстиқдан, устингизга ёпинган кўрпадан рашк қиламан...
– Бошимни ҳар сафар ёстиққа қўйганда Сизни эслайман, хўрлигим келади...
– Бир-биримиздан бехабар ҳолда бир нарса ҳақида бир хил ўйлайдиган, бир хил фикрлайдиган даражада кўнгилларимиз яқинлашиб кетганидан Сизга ва ўзимга ҳавасим келади.
– Нега бунчалик яхшисиз?! Билмайсизми? Мен биламан: мен яхши кўрганим учун шунчалар яхшисиз!.. Ё, бошқачами?.. У ҳолда ўзингиз айтинг, нега бунчалар яхшисиз?
– Куйдиргувчи миллион ўпичларга кўмиб ташлагим келгани учун ҳам яхшиман... Асл гўзалликдан баҳраманд этганингиз учун ҳам яхшиман... Фақат бу Гўзалликни эъзозлаш бахтидан бенасиб эканлигимдан эзиламан…
– Ундай деманг, Сизнинг эъзозларингиз умрим бўйи қалбимни чароғон этиб туради. Адоқсиз эъзоз! Айтингчи, эъзознинг чеки бўладими?
– Чеки бўлса, Соғинчни ҳам изоҳлаш чораси топиларди, соғинч ҳам беадад макон, ахир.
– Висол – ҳаловат, севги – ғайриҳаловат.
– Ҳа, висол – ҳаловат, бироқ висолда Соғинч бўлмайди, Соғинч – ҳижронда, ҳижронда – изтироб, изтиробда эса муҳаббат!..
– Асал-л-л!.. Сиз билан мен ёл-лғиз, осмон ёпинчиқ... Қайси рангни ёқтирасиз?..
– Сиз ёқтирганни...
– Оқними?..
– Оқни...
– Оппоқ ҳаяжон!.. Қучоғимни очаман, қучоқ тўла гул!.. Бир қучоқ гул исидан маст бўламан, энтикаман, гир-гир айланаман, айланавераман...
– Кўнгил иши...
– Бўйсунмас, қўрқмас. Кўнгил хоҳишидан туғилган, дилларни чирмаб боғлаган муҳаббатгина одамни шунчалар ҳушдан айиради. Бундай муҳаббат руҳоний хоҳиш саналади...
– Бунчалар нозик ҳис этмоқ учун бениҳоя қаттиқ сева билмоқ керак!..
– Лайли-Мажнун бўла билмоқ керак, сева билмоқ керак. Сева билмоқ...
– Кетайлик...
– Кетаяпсиз. Оқ кўйлак, оппоқ малак. Бир қучоқ гул узоқлашмоқда. Висол узоқлашмоқда. Кумуш нурлар, кумуш ҳислар, садаф гуллар оппоқ соғинчга айланмоқда. Висол ҳижронга айланмоқда. Ҳижрон изтиробга...
– Соғинч – армон, изтироб, бари бир борлиги яхши...
– Сиз – малика, мен – ғулом-м...
– Қўйинг...
– Тўхтанг. Кетманг. Қалблар Аллоҳнинг изнида-а!..
– ...
– Сиз, мен ёлғиз... феруза осмон остида...
... чексиз-чегарасиз, теп-текис замин. Чўл. На уй, на одам, на гиёҳ, на қимирлаган жон. Мовий осмон ёпинчиқ. Ҳаволарда оппоқ соғинчга қоришган ҳижрон қўшиғи таралади:
Гавҳар экай десам, гулхонанг қани?..
Яшаб ўтай десам, кошонанг қани?..
Кошонанг қани?.. Гулхонанг қани?.. Қани... қани... қани-и-и-и?..

 1996 йил.