ОНАЖОН! ҚЎЙ СОҒУВЧИ КИШИ КЕЛДИ!
Саййидимиз Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифаликларидан аввал мусулмонларга имомлик қилар эди, саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга халифа эдилар. Хизматларини аъло даражада адо қилар эди. Қўшниларини ҳурматлар, ожизу-нотавон, етим ва бечораҳолларнинг ҳолларидан хабар олар, оила аъзолари вафот этган ёки Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганларнинг хонадонларига бориб ҳамдардлик билдирар эди. Уларга ҳурмат ва меҳрибонлик кўрсатиб қўйларини соғиб, хамирларини қориб берар эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул Аълога риҳлат қилиб, халифа бўлганларидан сўнг мазкур инсонлар энди бу зот хабар олишлари ва аввалгидек ёрдам беришларидан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрқдилар.
Ёлғиз қолган беванинг “Бугун қўйларимиз соғилмай қоладиган бўлди” деган гаплари саййидимизга етиб борди. “Аллоҳга қасамки, яна ўзим бориб соғиб бераман!” деб Сиддиқ разияллоҳу анҳу кампирнинг уйига бориб эшик қоқди. Эшикни кичкинагина бола очди. Халифани кўрибоқ ҳайқириб юборди:
- Онажон! Қўйимизни соғадиган киши келди!
Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ул зотни юқори баҳолаб: “Умматимнинг ичидан умматимга энг меҳрибони – Абу Бакр” дея илтифот айлаган эдилар.
[/font]
ҒОРДАГИ САДОҚАТГА МУКОФОТ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишни ирода қилганларида дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бирга Савр ғори томон азм қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қоятошларга чиқишга ва яланг оёқ юришга одатланмаганликларидан оёқларига тошлар бота бошлади. Бу ҳолатни кўриб ҳазрат Абу Бакр ғорнинг оғзига етгунга қадар елкасига кўтариб борди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорга кирмоқчи бўлганларида шошилиб:
- Кирмай туринг! Аввал мен бир кириб кўрай-чи! – деди.
Ғорнга кириб айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб текшириб чиқди. Бир тешик топиб, у жойга изорини йиртиб беркитди. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиб озор бермасин дея, у иккала тешикка икки оёқларини қадаб олиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тизларига бошини қўйиб ётиб уйқуга кетиб қолдилар.
Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган экан. Оёғи билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб оёғини чақди. Илон тешикдан чиқиб кетмаслиги учун ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам безовта бўлмаслиги учун оёғини қимирлатмай тураверди.
Бироқ оғриқнинг қаттиқлигидан кўзларига ёш оқиб келди. Сўнг кўзидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзларига оқиб тушиб, уйғониб кетдилар.
- Эй Абу Бакр, сенга нима бўлди? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин, нимадир чақиб олди, – жавоб берди разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам илон чаққан жойни муолажа қилдилар. Оғриқ барҳам топди.
Тонг отиб кун ёришганда ғордан чиқиб йўлга тушдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга эътибор бериб қарасалар, йўлга чиқаётганда кийган изори йўқ. Сўраган эдилар, йиртиб ғордаги тешикларга тиққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юқори кўтариб дуо қилдилар:
- Эй Аллоҳ! Қиёмат кунида Абу Бакрни менинг даражамда қилгин!
Муҳаммадшукур Мирзақобулов
Улуғбек қори Йўлдошев
[/font][/font][/size]