АВВАЛ МАЖОЗ
Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир қитъаси бор:
Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ,
Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур.
Мажоздин чу ҳақиқатқа йўл топар ошиқ,
Қилур мажозни нафйи улки, беҳақиқат эрур.
Бундан англанадики, ҳақиқий ишқ Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат эрур. Бироқ банда ҳақиқий ишққа мажозий ишқ орқали борур.
Банда қалбида Аллоҳни севишга лойиқ муҳаббатни шакллантириш учун ўзи каби бир бандани севишига тўғри келади. Ахир, кўзи билан кўриб турган гўзалликка ошиқ бўла олмаган инсон қандай қилиб бирдан кўзи билан кўрмаган Тангрисига ҳақиқий муҳаббат соҳиби бўлсин. Ҳаётда оддийгина бошланган севгининг энг олий даражаси ишқ дейилади.
Ривоят қилибдиларки, Зулайҳо Юсуф алайҳис саломни шунчалик қаттиқ севган эдики, шу ишқ йўлида бор молу мулкини, ҳатто гўзаллигини ҳам йўқотди. Унинг етмишта туяга юк бўладиган инжу ва жавоҳирлари бор эди. Бебаҳо зарларини ҳазрат Юсуфга бўлган ишқи йўлида сарф этди. Бирор кимса «Мен бугун Юсуфни кўрдим!» — деса, унга қимматли маржонларидан бирини берарди. Шу тариқа, совға қилиб тарқатиб ҳеч бир нарсаси қолмади.
Ҳар нарсани «Юсуф!» деб чақирарди. Унга бўлган чексиз ишқи туфайли «Юсуф» калимасидан бошқа ҳамма сўзларни унутганди. Бош кўтариб кўкка қараса, юлдузлар маржондай тизилиб, «Юсуф» исмини ёзгандай бўлиб кўринардилар.
Ниҳоят, йиллар ўтиб вақти-соати етиб Зулайҳо. Юсуф алайҳис саломнинг висолига етганидан кейин, ўзини ул зотдан олиб қоча бошлади. Тоат-ибодатга берилиб, узлат қилди. Энди бу ишқ - ҳақиқий ишқ Аллоҳга қаратилган эди.
Юсуф уни тунда ётоққа даъват этса, у висол онини кундузга сурар, кундуз даъват этса, тунга сурар эди. Охири Юсуф алайҳис салом бунинг сирини сўраганида шундай жавоб берди:
- Эй Юсуф, мен сени Аллоҳни танимасдан олдин севгандим. Лекин уни танигандан кейин унга бўлган муҳаббатдан бошқасига ўрин қолмади. Аллоҳга бўлган бу муҳаббатимга бошқани шерик қила олмайман.
Улуғбек қори Йўлдошев