ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ
Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. Шу билан бирга инсонга берилган омонат ҳамдир.У дунё ҳаётининг зийнатидир.
Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, шукроналар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб фарзанд, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос билан адо этишлик шундай масъулиятли ва шарафли вазифалардандир.
Динимизда Ислом илк жорий бўлганидан бошлаб фарзанд тарбиясига аҳамият берила бошлаган. Кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб - ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшидир” (Термизий ривояти)
Мамлактимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган йилданоқ болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом ва бақувват, руҳан бардам ва баркамол инсон бўлиб етишишларига барча шароитларни муҳайё қилиб келмоқда. Ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан 2005 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йили эса “Ёшлар йили” деб эълон қилинди ва буларга таалуқли кенг ҳажмдаги давлат дастурлари ишлаб чиқилди ҳамда амалга оширилди.
Ислом таълимоти шу билан бир қаторда болалар зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди: ота-оналарни ҳурмат қилиш борасида бир қатор васият ва кўрсатмаларни таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашига эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ”Мол-мулк, фарзандлар дунё зийнатидир...”(Каҳф, 46)
Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши наъмунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал ҳулқ эгаси бўлишга чақиришсин.
Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган:
“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Бухорий ривояти).
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур.
Одоб ва ҳусн хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига кўз қорачиғи қилиб сақласин! Уларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилаётган муҳтарам ота-оналарни икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Нуриддин ҳожи Холиқназаров
Андижон вилояти бош имом хатиби