Jamiyat va inson > Oila va jamiyat

Ota-onaga yaxshilik va farzandlik burchi

<< < (20/20)

MirzoMuhammad:
Ота-она вафот этгач
Ота ва онага яхшилик қилиш қилиш нафақат самовий динларда амр қилинган буйруқ, балки соф фитрат ҳам шуни тақозо қилгувчи олижаноб хислатдир. Чунки ҳар қандай тафаккур қилгучи инсон вужудига сабаб бўлган инсонларга яхшилик қилишни ўзи учун муқаддас бурч деб билади.
Бу таълимот барча мафкура ва динларга қараганда Ислом дини таълимотларида яққол шакл топган. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга амр қилади.
قُلْ تَعَالَوْاْ أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلاَّ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلاَدَكُم مِّنْ إمْلاَقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلاَ تَقْرَبُواْ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلاَ تَقْتُلُواْ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
“Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз.»- деб айт. (Анъом. 151)
Аслида ота-онага яхшилик қилиш улар тириклик пайтида бўлади. Айниқса қувватлари кетиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларида яна ҳам зарур. Кимки шундай қилмабди, вафотидан сўнг айюҳаннос солиб йиғлаб, қўйлар сўйиб, катта-катта қозонлар осиб ош пиширгани билан фойдаси йўқ дея олмаймиз, чунки қабул қилиш Худонинг иши, бироқ тириклигида яхшилик қилгани бошқа. Ана ўшалар уларнинг вафотидан кейин эҳсонлар қилсалар ярашади.
Улуғ ватандошимиз имом Бухорийнинг “Адабул-муфрад” асарида ушбу ҳадислар баён илинади:
Абу Убайд разияллоҳу анҳу ҳикоя қилдилар: "Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, шу вақтда бир киши:
"Ё Расулуллоҳ, ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшиликларимдан ташқари уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам шу яхшилигим давом этади?" – деб сўради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга қиладиган яхшилигинг давом этаверган бўлади. Уларнинг бирламчиси, ота-онанг ҳақига дуо қиласан ва гуноҳларини кечирмакни Аллоҳ таолодан сўрайсан, иккиламчиси, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан, учламчи, уларнинг дўстларини ҳурматлайсан ва тўртламчи қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан", дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: "Киши ўлгандан кейин яна нима учундир унинг нуфузи кўтарилиб қолади. Шунда у таажжубланиб:
«Эй, Раббим! Бу даражамнинг кўтарилиши нимадан ҳосил бўлди?", деб сўрайди. Аллоҳ таоло томонидан:
«Эй, бандам, орқангда қолган бола-чақаларингнинг мен учун қилган истиғфорларининг натижасидир", дейилади.
Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Бухорий
www.зиёуз.cом кутубхонаси 9
Муҳаммад ибн Сирин (р.ал.) айтдилар: "Кечаларнинг бирида биз Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ёнларида бўлдик. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ўзлари: «Эй, Аллоҳ! Абу Ҳурайранинг ҳам, онасининг ҳам гуноҳларини кечиргин ва иккимиз учун истиғфор айтган кишиларнинг ҳам гуноҳларини кечиргин", деб дуо қилдилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг шу дуоларига кириб қолиш учун биз ўша она-бола (Абу Ҳурайра билан оналари) ҳақига истиғфор айтиб юрамиз", дейди.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
Оналик меҳри
   Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло она зотини фарзандга меҳрибон қилиб яратган. Нафақат инсонлар, балки бошқа тилсиз ҳайвонларда ҳам бу туйғуни жойлаб қўйган. Буни оддийгина уй ҳайвонлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар ўзлари туққан боласини қанчалик ялаб эркалатишини кўплаб гувоҳи бўлганмиз. Товуқлар жўжаларини эргаштириб юришлари, ҳаммасини қаноти остига олишлиги бор гап.
   Булар-ку, ҳонаки ҳайвонлар, аммо йиртқич ҳайвонлар ҳам оналик ҳиссиётидан мосуво эмас. Интернет саҳифаларида ҳаётда бўлиб ўтган воқеани ўқиб қолдим.
   Ўрмонда урғочи шер ов қилиб бир кийикни ўлжа туширди. Одатига кўра уни тилка-пора қилиб емоққа ҳозирлай бошлади. Шу маҳал шер кийикнинг қорнида ҳомила борлигини кўриб қолди. Оналик ҳисси қўзғаб, ҳомилага ёрдам беришга киришди. Бироқ энди кеч бўлган эди. Ҳомила нобуд бўлди.
   Шер қаттиқ наъра торта бошлади. Сўнг ўша нобуд бўлган ҳомила ёнига чўзилди. Бу нодир тасодифнинг гувоҳи бўлиб қолган ҳайвон тадқиқотчиларининг сураткаши ҳолатни тасвирга ола бошлади. Шер шу ётган кўйи анча вақт ўтса ҳам қимир этмас эди. Ниҳоят яқинроқ боришга журъат қилишди. Бориб қарашса она шер жон таслим қилган экан.
   Тадқиқотчилар уюшмаси шернинг жасадини очиб кўриб нима сабабдан ўлганини ўрганишди. Хулоса инсонни ҳайратга соларлик эди – ҳомиланинг нобуд бўлганига бардош бера олмай юраги ёрилиб кетган эди.
   Ҳа, бу Аллоҳнинг қудрати. Шунчалик ваҳший йиртқич ҳайвонинг қалбига шунчалик оналик меҳрини жойлаб қўйган. Бироқ шундай оналар борки, улар асли одам наслидан бўлса-да, ана шу йиртқич каби оналик ҳиссиётига ошно эмаслар. Нима қилсинларки, улар Аллоҳ ҳалол йўл билан беришни ирода қилган мурғак жонни ўз нафсларига тобеъ бўлиб ҳаром йўл билан топган бўлсалар, бунинг жазоси ўлароқ табатан оналик ҳуқуқидан марҳум қилинса...

   Бахтиёржон Ҳайитбоев. Мулла Абдулазиз жомеъ масжиди имом хатиби
   Асака

MirzoMuhammad:
Ота-онани рози қилиш
Динимизда ота-онани рози қилиш, уларга чиройли муомала қилиш улуғ ибодат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейин ота-онага чиройли муомала қилишга буюрган:
 ﴿ وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا ﴾ (سورة النساء / الآية 36)
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари бор экани, уларга риоя қилиш – фарзандни улкан ажрга эга қиладиган улуғ ибодат экани таъкидланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай баён қилинади:
جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "يَا رَسُولُ اللهِ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صُحْبَتِي؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ: "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: "أَبُوكَ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб:
“Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради.
“Онанг”, – дедилар У Зот.
“Кейин ким?”, – деб сўради.
“Онанг”, – дедилар У Зот.
“Кейин ким?”, – деб сўради.
“Онанг”, – дедилар У Зот.
“Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда
“Отанг”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳу айтадилар: бир киши Расулуллоҳ ҳузурларига ҳижрат қилмоқ учун байъат этмоққа кeлди. Аммо ота-онаси унинг кeтишига рози бўлмай, xафаликдан йиғлаб қолган эдилар. Шунда Расулуллоҳ: “Сeн ҳозир ота-онанг олдига бор! Ҳижрат қиламан дeб, уларни xафа қилганингдeк, энди ҳижрат қилмайдиган бўлдим, дeб, уларни xурсанд қил”,– дeдилар. (Имом Буxорий ривоятлари).
Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун қуйидаги амалларни бажариши тавсия этилади.
-   Аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат олиш;
-   Ота-онанинг насиҳатларини жону дили билан қабул қилиш;
-   Гаплашганда мулойим, ёқимли сўзлар билан муомала қилиш;
-   Бирор хизмат буюрсалар, “лаббай”, деб уни бажариш;
-   Ўзига хуш кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўриш;
-   Уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик;
-   Уларга “уф” ёки “уҳ” демаслик;
-   Ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик;
-   Ота-она кириб келганда ўрнидан туриш ва улардан олдин ўтирмаслик;
-   Ота-она ҳузурида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик;
-   Улардан юқорида ўтирмаслик;
-   Ота-она дам олаётганда уларни безовта қилмаслик, олдиларига рухсатсиз кирмаслик;
-   Ота-онанинг кўнгилларини топиб, розилигини олиш;
-   Ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиш;
-   Дуо қилганда ота-онасининг ҳақларига алоҳида дуо қилиш.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Жума тезисларидан фойдаланилди)

MirzoMuhammad:
بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول و لا قوة إلا بالله*
ОТА-ОНА ҲУРМАТИ
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
"Қиёмат куни бўлганида, Хориш исмли чаён боласи чиқади, у узунлиги осмон ва ер оралиғича, кeнглиги мағриб ва машриққача кeладиган баҳайбат бир махлуқдир. Жаброил алайҳис салом ундан:
"Қаeрга боряпсан ва кимларни излаяпсан", дeб сўрайди. У:
"Бeш нафар кишини излаяпман, – дeйди. – Улар: бeнамоз, закот бeрмайдиган бой, ота-онасига оқ бўлган фарзанд, ароқхўр, масжидда дунё сўзидан гапирувчилар".
Бир азизи мўътабар одам бир йигитнинг ота-онасига қилган хизматларини эшитиб уни зиёрат қилмоқчи бўлди. Бу йигит қассоб эди. Мўътабар одам қассобчилик бозоридан у йигитни излаб топди. У билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин:
— Ўғлим, мен мусофир бир кишиман, агар қабул қилсангиз, бу кечани сизнинг уйингизда ўтказишни истайман,— деди. Йигит мўътабар одамнинг илтимосини жону дил билан қабул этди, кечқурун дўконини беркитиб, у билан бирга уйига қайтди.
Уйнинг бир чеккасидаги тўшакда қариликдан жуда кичкина бўлиб қолган бир чол ётарди. Йигит мўътабар меҳмонига жой кўрсатиб:
— Азиз меҳмоним, қани, бемалол ўтириб дам олинг, тўшакда ётган муҳтарам чол менинг отам бўладилар. Онам яқинда вафот этдилар. Отамга мендан бошқа қарайдиган киши йўқ. Ҳар кун азиз отамнинг хизматларини қилиб, кейин ишга кетаман,— деди. Йигит дарҳол шўрва пиширишга киришди. Овқат тайёр бўлгандан кейин бир косачада шўрва олиб отасининг ёнига келди. Унинг бошини секингина кўтариб шўрвани ичирди. Йигит, чол отасини ухлатиб хотиржам бўлгандан кейин меҳмон учун дастурхон ёзди. Ўзига ҳам, меҳмонга ҳам шўрва келтирди, биргалашиб овқатландилар. Мўътабар меҳмон:
— Ўғлим, сен отангни тўйдириб, ювиб-тараб ўрнига ётқизганингдан кейин у оғзини қимирлатиб турди, шу билан у нима демоқчи эди? — деб сўради.
— Мен ҳар вақт отамни овқатлантирганимдан кейингина ўзим овқатланаман. Агар ундан аввал овқатлансам, ота ҳурматини бажо келтирмаган тарбиясиз, адабсиз ўғиллардан ҳисобланардим. Отам мендан жуда розидирлар. Таомдан кейин оғзиларини қимирлатиб шукур этадилар ва менинг ҳақимга дуо қиладилар. Марҳума онам ҳам мендан рози эдилар, доимо ҳақимга дуо қилардилар,— деди йигит.
Мўътабар одам йигитнинг сўзларини эшитгач, кўзларига ёш олиб:
— Баракалла, ўғлим! Сен ҳақиқий фарзанд экансан. Ота-она ҳурматини унутган фарзандлар сендан ибрат олсинлар. Офарин, ўғлим. Ота-онангга қилган хизматингни хайрли ажрини кўрасан,— деди ва йигит ҳақига дуо қилди. Эртаси кун эрталаб йигит билан хайрлашиб ўз йўлига қайтди.
Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.
Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.
Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса – билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.

Толибжон Абдураҳимов. Шаҳрихон туманидаги “Эшон” жоме масжиди имом хатиби
(Фойдаланилган манбалар: Дурратун носиҳийн. Зиёуз.ком кутубхонаси)

Navigation

[0] Message Index

[*] Previous page

Go to full version