بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول و لا قوة إلا بالله*
ОТА-ОНА ҲУРМАТИ
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
"Қиёмат куни бўлганида, Хориш исмли чаён боласи чиқади, у узунлиги осмон ва ер оралиғича, кeнглиги мағриб ва машриққача кeладиган баҳайбат бир махлуқдир. Жаброил алайҳис салом ундан:
"Қаeрга боряпсан ва кимларни излаяпсан", дeб сўрайди. У:
"Бeш нафар кишини излаяпман, – дeйди. – Улар: бeнамоз, закот бeрмайдиган бой, ота-онасига оқ бўлган фарзанд, ароқхўр, масжидда дунё сўзидан гапирувчилар".
Бир азизи мўътабар одам бир йигитнинг ота-онасига қилган хизматларини эшитиб уни зиёрат қилмоқчи бўлди. Бу йигит қассоб эди. Мўътабар одам қассобчилик бозоридан у йигитни излаб топди. У билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин:
— Ўғлим, мен мусофир бир кишиман, агар қабул қилсангиз, бу кечани сизнинг уйингизда ўтказишни истайман,— деди. Йигит мўътабар одамнинг илтимосини жону дил билан қабул этди, кечқурун дўконини беркитиб, у билан бирга уйига қайтди.
Уйнинг бир чеккасидаги тўшакда қариликдан жуда кичкина бўлиб қолган бир чол ётарди. Йигит мўътабар меҳмонига жой кўрсатиб:
— Азиз меҳмоним, қани, бемалол ўтириб дам олинг, тўшакда ётган муҳтарам чол менинг отам бўладилар. Онам яқинда вафот этдилар. Отамга мендан бошқа қарайдиган киши йўқ. Ҳар кун азиз отамнинг хизматларини қилиб, кейин ишга кетаман,— деди. Йигит дарҳол шўрва пиширишга киришди. Овқат тайёр бўлгандан кейин бир косачада шўрва олиб отасининг ёнига келди. Унинг бошини секингина кўтариб шўрвани ичирди. Йигит, чол отасини ухлатиб хотиржам бўлгандан кейин меҳмон учун дастурхон ёзди. Ўзига ҳам, меҳмонга ҳам шўрва келтирди, биргалашиб овқатландилар. Мўътабар меҳмон:
— Ўғлим, сен отангни тўйдириб, ювиб-тараб ўрнига ётқизганингдан кейин у оғзини қимирлатиб турди, шу билан у нима демоқчи эди? — деб сўради.
— Мен ҳар вақт отамни овқатлантирганимдан кейингина ўзим овқатланаман. Агар ундан аввал овқатлансам, ота ҳурматини бажо келтирмаган тарбиясиз, адабсиз ўғиллардан ҳисобланардим. Отам мендан жуда розидирлар. Таомдан кейин оғзиларини қимирлатиб шукур этадилар ва менинг ҳақимга дуо қиладилар. Марҳума онам ҳам мендан рози эдилар, доимо ҳақимга дуо қилардилар,— деди йигит.
Мўътабар одам йигитнинг сўзларини эшитгач, кўзларига ёш олиб:
— Баракалла, ўғлим! Сен ҳақиқий фарзанд экансан. Ота-она ҳурматини унутган фарзандлар сендан ибрат олсинлар. Офарин, ўғлим. Ота-онангга қилган хизматингни хайрли ажрини кўрасан,— деди ва йигит ҳақига дуо қилди. Эртаси кун эрталаб йигит билан хайрлашиб ўз йўлига қайтди.
Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.
Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.
Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса – билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.
Толибжон Абдураҳимов. Шаҳрихон туманидаги “Эшон” жоме масжиди имом хатиби
(Фойдаланилган манбалар: Дурратун носиҳийн. Зиёуз.ком кутубхонаси)