Muallif Mavzu: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi  ( 63903 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« : 27 Fevral 2010, 11:33:10 »
Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi



Muallif: Erkin Vohidov
Hajmi: 875 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #1 : 27 Fevral 2010, 14:59:54 »
Эркин ВОҲИДОВ

САЙЛАНМА

ИККИНЧИ ЖИЛД

ШЕЪР ДУНЁСИ


ТОШКЕНТ
«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ БОШ ТАҲРИРИЯТИ
2001


- ИЛТИЖО -

Вақт келар, дунёда ғолиб ҳақиқат,
Бир ўлка яратгай бахтиёр, танҳо...


* * *

Баҳор.
Барқут кийиб безанди боғлар,
Саҳролар кўксига такди қизғалдоқ.
Қуёш этагига оқ булут борлаб,
Ўрик шохларида қовурди бодроқ.

Еллар олиб қочди қишнинг хобини,
Барглар чапак чалиб уйғонди шодон.
Бутоқларга қўниб, гул китобини
Варақлашга тушди булбул — ғазалхон....

Бугун коинотда эзгу бир ташвиш,
Ғунча гул бўлай деб кўзин очади.
Мусича олдидан бир дона чўпни
Чумчуқ уясига олиб қочади.

Ҳайдалган даладан бир хас ортмоқлаб —
Чумоли югурар — у ҳам тирик жон.
Шошилиб чопади табиб ирмоқлар
Ернинг томирига қуймоқ учун қон...

Она тупроқ эса куз ташвишида,
Юксак хирмонларга сийнаси юклик.
Унинг сокингина тин олишида
Бордир оналарга хос бир буюклик.
1968


ШОИР

Ҳусниддин ШАРИПОВга

Шоирларга ҳайрон бўлманг,
Шоир халқи турфароқ.
Гоҳи мағрур, гоҳи дилтанг,
Гоҳ ҳазин, гоҳ тумтароқ.

Унга бир пул мансаби ҳам,
Унда мансаб бўлмайди.
Севгиси ҳам, ғазаби ҳам
Чегарани билмайди.

Оқил одамғам, азобдан
Ёниб фиғон бўлади.
Шоир эса изтиробдан
Завқ қилади, кулади.

Бошқаларга дам олиш кун,
Таътил ойи берилар.
Шоир янги ташбеҳ учун,
Ўлган бўлса, тирилар.

Бошқалар ўз дил дардини
Бошқаларга тўкади.
Шоир дарди юрагининг
Тубларига чўкади.

Шоирларга ҳайрон бўлманг,
Шоир халқи турфадир.
Шеър олами бу оламнинг
Эвазига туҳфадир.

Оромбилмас шоир қалби,
Чунки ором завқ эмас.
Мана, шифтга қараб қолди,
Халал берманг бир нафас.

Хаёлига банд у ҳозир,
Икки дунё бегона.
Бир оз гўдак, бир оз... шоир,
Бир озгина девона.
1968


ШОИР ҚАЛБИ

Шоир қалби гўё анор,
Шеъри унинг шарбати.
Бўлмас экан шеър аҳлининг
Ўз қалбига шафқати.
Тинмай эзар, эзар уни
Аммо шоир билади —
Пиёласи тўлган кун
Паймонаси тўлади.
1968


ТАСАВВУР

Болалик экан-да,
Муаллимимдан
Сўрабман бир куни:
— Айтинг-чи, агар —
Ер шундай тезликда айланса чиндан,
Не учун тўкилиб кетмас одамлар?

Ёдимдан чиқмайди бир челак сувни
Муаллимбош узра айлантиргани.
Қатра тўкмай ерга қўяркан уни,
Тушундингми, дея мендан сўргани.

Йиллар ўтиб кетди ва лекин ҳамон
Ўша илк тасаввур яшайди менда.
Бир челак сув каби айланар жаҳон,
Мен-чи, бир томчиман ўша тўлқинда.

Учқур замон билан қалқиб, чайқалиб,
Чарх уриб бораман гирдоблар аро.
Бешафқат тезликдан асабим толиб,
Бир нафас тин олсам дейман-у, аммо —

Мендами ихтиёр?
Югурар замон,
Шиддати ўтади ҳар бир толамдан.
Тўхтасам, тўкилгумбир томчисимон,
Томчидек йўқ бўлиб кетгумоламдан.
1969


УСТОЗ ҲАБИБИЙГА

Муборак, домла, саксон ёш, умрга битта боб ўлсин,
Кўпайсин боблару саксонта боблик бир китоб ўлсин.

Яна саксону саксон йил ўтиб қомат букундай тик,
Юзу кўнгил бу кундай моҳитобу офтоб ўлсин.

Қўлингиздан яна саксону саксон тушмасин хома,
Етолмай илкингизга ҳасса саксон йил хуноб ўлсин.

Умр ҳам кексалиқдан, хасталикдан бўлсину холи,
Юзу саксонда шоир ўн саккиз ёшдек шабоб ўлсин.

Битиб сонсиз ғазал дил мулкини забт айлангиз ҳар дам,
Мухаммас ҳам саноқсиз, қитъаю фард беҳисоб ўлсин.

Арузий вазни номарғуб деган баъзи мунаққидлар
Сўзи шудгорга оқсин, қишга қолсин-у яхоб ўлсин.

Домулло юзга етгач, ўттиз икки янги тиш чиқса,
У дам ичгони юз-юз, егани кавказ кабоб ўлсин.

Ҳабибий ёши саксон бўлди деб айтган хато қилгай,
Ики ўн бир, ики ўн тўрт, ики ўн беш ҳисоб ўлсин.
1970


ҚОЗОҚ ОҚИНЛАРИГА*

Ўлкамнинг жамоли ўзгача букун,
Шоҳроҳ кўчалар ҳам ясанган гулгун.
Букун шеър ва ўлан қилмоқда парвоз,
Дўмбира авжида, чирманда ҳам соз.
Юксак пештоқларда ҳилпирар алвон,
Серфайз шийпонларда ёзиқ дастурхон.
Йўлкалар суприлган, очиқ дарвоза,
Ҳар хонадон ичра бир шўх овоза:
Ўзбекнинг уйида букун қадрдон
Эгизак оғаси бўлмоқда меҳмон.

Меҳмон ўзи кимдир? — Абай, Жамбулдир!
Мезбон ўзи кимдир — Жуманбулбулдир!
Фазогир Бойқўнғир меҳмондир букун,
Олим Чирчиқ эса мезбондир букун.
Оҳангар, Бекобод қилди-ю таклиф,
Маъданчи Жезқазғон буюрди ташриф.
Қўшиқнинг уйига жирлар келибди,
Пахтазорга мовий қирлар келибди.
Ўзбекнинг уйида букун жонажон
Эгизак оғаси бўлмоқда меҳмон.
Букун меҳмон бўлиб чўнг санъат келди,
Том-том китоб келди, шеърият келди.

Букун фавворада бўлди зўр бозор,
Қозоқ деҳқон бўлди, ўзбек харидор.
Оқсоқланиб юриб Абдилла оғай
Қолди китобидан ўзи ололмаи.
Қозоқнинг ардоқли ўғли — Ўлжаси
Ўзбек шеърхонининг бўлди ўлжаси.
Ўзбекнинг уйида букун меҳрибон
Эгизак оғаси бўлмоқда меҳмон.

Дўстлар, хуш келибсиз, кўксимизда қўл,
Оқ олтин нуридан ёздик сизга йўл,
Яшил водий бўлди сизга дастурхон,
Жиндек қимиз қуйдик, қўшмадик айрон.
Токи насру назм хароб бўлмасин,
Шеърлар сероб бўлсин, сер об бўлмасин.
Ниятда ҳамиша буюклик бўлсин,
Улан ҳам, шеър ҳам суюқлик бўлсин.
Бор бўл, эгиз оғам, бор бўл, тувусқон,
Узбекнинг уйида эъзозли меҳмон.
1971


ҚЎНҒИРОТДА АЙТИЛГАН АЛЁР

Шоир!
Сен бу неъматларнинг ёқут кўркига
Бокдингми, уларга лабинг тегдими?
Демак, сен қарздорсан.
Одамлар кўнглига
Сен ҳам битта ниҳол экдингми?

Баҳра ололдими бир зот юраги?
Бирор қалб ғуборин юва олдингми?
Сен ҳамўз шеърларинг замиридаги
Шўр сувларни қува олдингми?

Бу тупроққа қара.
Севиб шеърингни
Ишлов беролдингми сен ҳам шу кадар?
Сув ургани йўқми ногоҳ ерингни,
Босиб кетмадими бегона ўтлар?

Биз минг йил умр кўриб,
Минг йил шеър битсак,
Минг йил баён этсак юрак арзимиз,
Деҳқон меҳнатини шарафлаб ўтсак,
Ҳар туп ғўзасини бир достон этсак,
Шунда ҳам биз агар оламдан кетсак —
Бўйнимизда кетар қарзимиз.
1971


ТАБРИК

Тошкентлик пахтакорларга

Букун далалардан чаноқлаб деҳқон
Териб олар экан ризқу рўзини,
Тоғдай елкасидан тенг яримжаҳон
Унинг пахтасига тикмиш кўзини...

Эл борки, уфқнинг ҳар тўрт ёғида
Эгни бутун бўлди шу миллионлардан.
Оқ яктак матосин кўрган чоғида
Ғарб ҳам кечиб қўйди оқ нейлонлардан.

Ҳосилимиз бўлди олтин вазнида,
Бўлди ҳар мисқоли гавҳар билан тенг.
Шу боис пахтазор менинг наздимда
Мурунтовга ўхшар, поёнсиз ва кенг.

Бу қут ўзи келмас, қалб ўти керак
Қуёшни заминга этгувчи пайванд.
Ҳа, шу баракада сенинг ҳам юксак
Хирмонларинг бордур, музаффар Тошкент.

Қучоғинг кўп юрту давлатлардан кенг,
Мен учун сен ўзинг битта жаҳонсан.
Ғазалим бешиги сулув Ғазалкент,
Байтларим сочилган Байтиқўрғонсан.

Не қилса, сен ахир, она шаҳар-да,
Ғалабангдан дилда оламифтихор.
Бунга боис яна, шу хирмонларда
Менинг ҳамбир этак тўккан пахтамбор.

Соғ бўл, она халқим, эй толмас билак,
Доим баланд бўлсин табаррук бошинг.
Хирмонинг қаддингдай бўлсину баланд,
Бахтингдай ҳамиша кулсин қуёшинг.
1971


КАРДИОГРАММА

Кардиограмма,
Нимадир бу хат?
Нималар демоқда юрагим зарби?
Нечун у кўксимда уринар фақат
Парвозга талпинган тутқун қуш каби?
Нечун туғён қилар,
Не истар кўнгил,
Не дер бу самандар — ўт ошиноси?
Айтинг, шифокорим,
Сиз кўз тиккан бул
Турфа чизиқларнинг недир маъноси?
Балки жон риштаси дегани шудир,
Давоми умримнинг сўнгига туташ?
Балки ҳаёт йўлим...
Бу йўл ҳам ахир
Ўша чизиқларга жуда ҳамўхшаш.
Унинг ҳам паст-баланд, ўру қири бор,
Уни ҳам қаршилар гоҳ тикан, гоҳ гул.
Ёшлик равон йўлни танламас зинҳор,
Унинг сўқмоқлари ҳамиша мушкул.
Чунки юрак ўзи турмас лаҳза жим,
Чунки машаққатдан ором топар жон.
Лекин ҳамишалик раҳнамо қалбим
Не учун дафъатан кўтарди исён?
Уни ранжитдимми?
У норозими?
Балки билолмадим не унга матлуб?
Доктор!
Юрак мендан пинҳон розини
Сизга ошкор этиб ёздими мактуб?
Айтсин,
Нима гуноҳ қилдим юракка?
У бошлаган йўлдан сира қайтдимми?
Одамлар олдида
Ё ўзим якка —
Юрагимга қарши бир сўз айтдимми?
Ёки кимларгадир тавозе этиб
Оқни қора дедим — имон бехабар?
Ёки ноҳақликни кўриб, эшитиб,
Кўзимни кўр қилдим, қулоғимни кар?
Унга жабр этгулик нима айбим бор?
Аҳд қилиб аҳдимда турмадимми ё?
Дўстликка хиёнат қилдимми бир бор
Ва ё ишқ йўлида бўлдим бевафо?
Мен унинг измидан чиқмадим-ку ҳеч,
Поймол этмадим-ку уни ҳеч қачон.
Доим содиқ бўлган юрагим бу кеч
Не учун дафъатан кўтарди исён?
Биламан,
Меҳнати унинг мушкулот,
Осон тутиб бўлмас асло юракка.
Еру осмон тинчир,
Тинчир коинот,
Лекин оромбилмас қалб ўзи якка.
Биламан,
Ғоят тез асрим шиддати,
Елкаларга ортган уҳдаси буюк.
Фазода чарх урган Ернинг суръатин
Юракларга берган аслида шу юк.
Шу юк босар унинг нақ ўртасидан,
Бутун вужудимда шу юк залвари.
Ажаб эмас, юрак аортасидан
Ўтиб кетган бўлса олам меҳвари.
Одам турилмас-ку даврини сайлаб,
Замон танламасдим ва лекин ўзга.
Қалб мени кечирсин, уни авайлаб —
Олиб боролмасам тўқсонга, юзга.
Аммо умидим бор,
Авлодлар бир кун
Бизнинг юракларга қилурлар ҳавас!
Сен эса, эй қалбим, шу умид учун
Энг сўнгги ёлқининг бера олсанг бас.
1971


САККИЗИНЧИ МАРТ

Букун ўзгачадир жилваи олам,
Букун ўзгачадир борликда ханда.
Букун кўзларимга гўё қуёш ҳам
Шафақ гулханида таранг чирманда.

Букун тонг эгнида атласдан кўйлак,
Шафаққа ўралган қизлардай гулгун.
Илк бора кўз очиб чиққан бойчечак
Санамлар қўлига интизор букун.

Букун гўзалликнинг қутлуғ айёми,
Қизларнинг кўкламга мослигидир бу.
Юраклар лиммо-лим муҳаббат жоми,
Баҳор келганининг ростлигидир бу.

Ҳа, букун элда ҳам, дилда ҳам баҳор,
Шодлик хандалари фалакка туташ.
Букун эрталабдан йигитлар қатор,
Аттор дўконида атрлар талаш.

Отахон чоллар ҳам тавозе билан
Етмиш йиллик ёрин сизлаб турибди.
Букун шоирлар ҳам ўз бисотидан
Энг яхши байтларни излаб турибди.

Овора бўлманг, эй, ҳассос шоирлар,
Аёл тасвирига ожиз эрур шеър.
Чунки ёр зулфининг бир толасига
Ташбиҳ топа олмай ўтган Алишер.

Севги асрорини изламай қўйинг,
Топилмас нарсани қидирмоқ нечун?
Муҳаббат сирини билолмай ўтган
Карбало даштида овора Мажнун.

Минг йилча муқаддам Ҳофизи Шероз
Бир гўзал холига бўлганди банда.
Тасаввур қилолмам, не дер эди у
Букун анжуманда ўзи бўлганда.

Балки айтар эди у бир лойиқ сўз,
Балки ташбеҳлари бўлар эди фош.
Чунки, кўзингизга тенг қайси юлдуз,
Юзингиз олдида нимадир қуёш?

Сиз, ахир, сийнаси самони қучган,
Сизнинг измингизда замину замон.
Сиз ой кемасида ой бўлиб учган,
Ёрур чеҳрангиздан оламчароғон.

Букун ўзгачадир жилваи олам,
Букун ўзгачадир борликда ханда.
Букун кўзларимга ҳатто қуёш ҳам
Шафақ гулханида таранг чирманда.

Букун айёмингиз муборак қилиб,
Зумуррад сепини ёйибди баҳор.
Баҳорий қизларнинг ҳуснидай тўлиб
Олам гўзаллиги бўлсин барқарор.
1971


ОҚШОМ

Оқшом,
Бобур тилаган фараҳ,
Бода кайфи, дўстлар суҳбати.
Қўлларимда лиммо-лим қадаҳ,
Менга келди алёр навбати.

Сўз тополмай манглайимда тер,
Шоирлардан доимо талаб:
Ўқимоғи керак янги шеър
Ва айтмоғи керак янги гап.

Қаҳрамоним,
Ўлтирибсан сен
Рўпарамда камтарин, доно.
Ўз ишингни дўндирибсан сен,
Дўппини дол қўндирибсан сен,
Тупрокда зар ундирибсан сен,
Зарга элни тўлдирибсан сен,
Тўйиб, юртни тўйдирибсан сен,
Ҳар нарсанг бут, каминг йўқ асло,
Фақат сенга шеър керак аъло.

Сен чўлларни сувга қондириб,
Ўзинг бунда мангу ташнасан.
Кундуз сени қуёш ёндириб,
Тунлар ёниқ шеърга ошнасан.
Бу маконда тўқлик ва ривож,
Бу маконда йўкдир эҳтиёж.
Аммо очдир гўзалликка эл,
Тўйдиргани сира йўқ илож.

Мен-чи, қўйиб «шеъриятга тож»
Ўсади деб олма, нок боғда,
Ётади деб оппоқ қор тоғда,
Сен эгнимни бут қилган чоғда
Шеър берайми сенга яланғоч?!

Хаёлларинг теран ва учқур.
Сени букун қилмоқ учун банд
Шоир керак Бедилдай чуқур,
Навоийдай доно, сарбаланд.

Ҳамду сано сенга не даркор,
Ўзинг олим адабиётга.
Шеърнинг шунда сенга дахли бор,
Дахли бўлса абадиятга.

Оқшом.
Булбул куйлайди чаҳ-чаҳ.
Тўкин юртда ичилар қадаҳ
Ўшал эзгу ташналик учун,
Сўнгра соғлиқ, ошналик учун.
1972


АБАЙ

Чошгоҳ қуёшида ёнур уфқлар,
Борлиқ ўт ичида ловуллар гўё.
Сирдарё лабидан Ёйиққа қадар
Ястаниб ётадир поёнсиз саҳро.
Самум ялаб ўтар яланг тўшини,
Бунда ёлғиз гиёҳ — шўраю янтоқ.
Бевафо дарёлар тарк этиб уни
Шимол уммонига очмишлар қучоқ.
Бу юртни булбулу гулзор унутган,
Шамол бу ўлканинг танҳо эгаси.
У минг йил ғам юкин орқалаб ўтган
Саргашта заминнинг яғир елкаси.
Баҳри муҳит аро сарсон кемадай
Манзилсиз, қўнимсиз бесару сомон —
Бу саҳро қўйнида лаҳза тин билмай
Бир ўлан кезмоқда зору саргардон.

«Қалин элим, КОЗОРИМ, шўрлик юртим...
Бировлар пўстин кияр, мўйнаси мўл,
Бировлар жулдур чопон, кезади чўл.
Шўринг қурсин, қозоғим, шўринг қурсин,
Мол мўлу оч кезасан яйловларда...»
Ноласи бўлгандай ҳар дардли дилнинг,
Чўлларда бағри қон лола унгандай,
Тақдир саҳросида овора элнинг
Ғаму андуҳидан туғилди Абай.
Оний гулдиракдан уйғонур фалак,
Лаҳзалик чақмоқдан ёришур саҳро.
Нажот эртасидан келтириб дарак,
Бир ўлан таралди ўтовлар аро,

Оқин кўзи бокди Эдилдан нари,
Қўбиз куйларига умид бўлди жо.
Севгида ўртанган Татьяна зори
Саҳройи тилида бўлди илтижо.
Ғунча очилмоғин интизор кутиб
Саҳрода кўз юмган нолон булбулдай,
Бахтли тонг йўлига шайдо кўз тутиб
Умрин қўшикларга қолдирди Абай.

Поезд учмоқдадир Олмаота сари,
Ортида толенинг карвони билан.
Уфқлар ётадир уфқдан нари,
Ўланнинг кетидан таралур ўлан.
Тингла, эй коинот, эрк овозини,
Оқин умидлари бўлмакда зоҳир.
Юлдузларга элтар Абай созини
Букун Бойқўнғирдан учган фазогир.
Денгизлардан оша қитъалар бўйлаб
Ҳассос оқин куйи ёзмоқда қанот.
Она юрт меҳрини куйлаган ўлан
Абадий ҳаётдир, абадий ҳаёт.
1972


ЙЎҚОЛГАН ШЕЪР

Бир шеър фикри ярқ этди ногоҳ,
Вужудимда ғалаён туйдим.
Ярқ этди-ю, мен бўлмай огоҳ
Бир лаҳза йўқотдим-қўйдим.

Неки бўлса менга энг азиз,
Энг мўътабар бўлса дунёда,
Борлиғимни банд этса не ҳис —
Бари энди унда ифода.

Вазмин энди ўз асрига хос,
Юксак эди бамисли хаёл.
У юракнинг ўзидек ҳассос,
Табиатдек эди баркамол.

Шеър дардида ўтган неча минг
Аждодларим руҳига қасам:
Ўша шеърда бутун оламнинг
Шавқу дарди эди мужассам.

Бир хуш айём, бахтли тасодиф
Тўлдирди-ю зар ила қўйним,
Мен гумроҳ-чи, бўлмайин воқиф
Бир лаҳзада йўқотдим-қўйдим.

Шундан буён излайман уни,
Қуюн каби кезарман жаҳон.
Қани, унинг бирор сатрини
Топиб олсам эдим ногаҳон.

У шеър тамом банд этди мени,
Асир бўлдим унга умрбод.
Бамисоли ёр тасвирини
Ойинада кўргандек Фарҳод.

Макон тутсамэнди қаерда,
Қаён бошлар эса иқболим,
Фикру зикрим ўша шеърда,
Ўша шеърда бутун хаёлим.

Водийларни сайр айлаган чоғ,
Асир этса ўлкам жамоли,
Кўз олдимда тикланур ногоҳ,
Ўша шеърнинг етук камоли.

Қалби тоза, юрак-бағри кенг
Одамларга ҳамсуҳбат бўлсам,
Ёдга тушар ўша шеърнинг
Вазминлиги ҳассослиги ҳам.

Гоҳи юксак хирмонлар меним
Хаёлимни этганида банд,
Ўйлайманки, йўқотган шеърим
Мана шундай эди сарбаланд.

Мен у шеърни излай умрбод,
Тор-тошларни кезай пиёда.
Топиб олсам, мендай бахтли зот
Бўлмас эди ёруғ дунёда.

Мен топмасам, майли, топса ким,
У ғазал, хоҳ касида бўлсин, —
Майли, менинг бор-йўк ёзганим
Ўша шеърга бахшида бўлсин.

Майли эди, бир бора кўрсам,
Бир бор кўриб фидо қилсамжон.
Бу дунёдан шунда Эркин ҳам
Ўтар эди зарра беармон.
1972


ЛИРИК ҚАҲРАМОН

«Шеърни севиб ўқийман, аммо
Ҳайрон қилар бир ҳолат мени.
«Мен» деб ёзар шоир доимо,
Кимдир ўша шоирнинг «мен»и?

Гоҳ муҳандис ул, мунажжим гоҳ,
Гоҳ ўзини толиб деб атар.
Гоҳ муаллим, гоҳ соҳиб дастгоҳ...
Касби кўпми унинг шу қадар?

У ҳам ерда, ҳам фалакдадир,
Баъзан малак, баъзида инсон.
Ўтмишда ҳам келажакдадир,
Борми унга замон ва макон?

Мен ҳайронман, вафога доир
Шоирларнинг шеъри-ку бисёр.
Бир китобнинг ўзида шоир
Ўн бир қизга ишқ этар изҳор.

Озар қизми, ҳиндми, татарми,
Раққосами, гулчими, аттор...
Шоирларнинг хотини борми?
Ё барчага бирдек вафодор?»

Шеърхон, мени тутдинг саволга,
Тушунаман, ўқувчим, сени.
Ҳеч таажжуб қилма бу ҳолга,
Сен ўзингсан шоирнйнг «мен»и.

Муаллимҳам, мунажжим ҳам сен,
Мажнун сенсан, Лайло ҳамўзинг.
Шоир шеъри — бу сенинг сўзинг,
Сен мингларсан, «мен» ичра жамсен.

Ўлтирардим хатга термулиб,
Бўлай дердим тарихдан огоҳ.
Сен Абдулла Набиев бўлиб
Саҳифадан қарадинг ногоҳ.

Қарадинг-у шеър фикри шу он
Чақмоқ каби урилди менга.
Кўксинг узра қотиб қолган қон
Лола бўлиб кўринди менга.

Этмоқ бўлдим шунда ифода
Сенинг дардинг, сенинг сўзингни.
Ўша шеърни ўқиган чоғда
Танидингми, дўстим, ўзингни?

Тошкент бўйлаб кезиб юрардим,
Этар эди зилзила давом.
Ҳар нарсада бир шеър кўрардим,
Ҳар бир кўздан излардим илҳом.

Ҳаммаёкда қайнар эди иш,
Фикримэди ифодасида.
Сен кўриндинг, қўлларингда ғишт,
Украин қиз қиёфасида.

Хушқад эдинг, нақадар гўзал,
Унутмайман ойдин юзингни.
Мабодо шеър ўқиган маҳал
Танидингми, дилбар, ўзингни?

Фарғонада сени учратдим,
Тиклар эдинг тоғ бўйи хирмон.
Сени узоқ Сибирдан топдим,
Қаҳратонда кесардинг ўрмон.

Сен баъзида уйғоқ ўйимга
Кириб келдинг бамисоли туш.
Таклиф этдим сени уйимга,
Хаёл пайдо қилган Азгануш.

Тоғдан туш деб сенга ёлвордим,
Севиб чиздим қошу кўзингни.
Эй, мен танҳо севгучи ёрим,
Танидингми энди ўзингни?

Шеърхон, мени тутдинг саволга,
Тушунаман, ўқувчим, сени.
Ҳеч таажжуб қилма бу ҳолга,
Сен ўзингсан шоирнинг «мен»и.

Сени сездимдоимўзимда,
Менда фикринг, ўйинг, тилагинг.
Ҳар нафасда ёниқ кўксимда
Уриб турар сенинг юрагинг.

Етар, нечун таърифу тавсиф,
Биз иккимиз асли битта жон.
Фақат олим мени муаллиф,
Сени атар лирик қаҳрамон.

Хоҳ яшарсан оламда букун,
Хоҳ яратур сени тафаккур,
Лекин фақат борлигинг учун,
Қаҳрамоним, сенга ташаккур.
1973


ҚОРХАТ

Шоира қизларга

Қор ёғар — осмонда оққушлар учар,
Қор ёғар — осмондан оқ укпар тушар.
Қор ёғар еру фалакни тўлдириб,
Бизлар эрсак иссиқ уйда ўлтириб,
Тарк этолмай халқимизнинг одатин
Ёзамиз дўстларга дўстлик қорхатин.
Қорхат асли қордай оппоқ дил хати,
Оқ кўнгилнинг меҳри, тафти, ҳурмати.
Ошинолик, чин вафо изҳори ул,
Гоҳи пинҳон севгининг иқрори ул.

Қор ёғар, қорхат ила, хуллас калом,
Шоира қизларга йўллаймиз салом.
Сизга, эй Гулчеҳра қизлар, Эътибор,
Айтамиз кўнгилда орзу неки бор.
Ой Ҳалима ҳам Малика, Турсуной,
Эй чирою файзга бою шеъри сой,
Сизга дилдан энг самимий эҳтиром,
Янги йилнинг табриги ҳам ассалом!

Энди келсак сўзнинг индаллосига,
Яъни қорхатнинг асл маъносига:
Янги йилда давра тузмоқ фарз бўлур,
Ким ютилса, бир зиёфат қарз бўлур.
Қорхат элтган элчимизни тутсангиз,
Тан берурмиз, қарз бўлурмиз, ютсангиз.

Йўқса ўзни катта ишга чоғлангиз,
Шу бугундан пеш этакни боғлангиз.
Бермангиз Гулчеҳраларга зарра дам,
Бирйўла ювгай мукофотларни ҳам.
Енг шимарсин Мўътабар, Ойдин букун,
Қарз улар бултурги достонлар учун.
Тутди бир қўлда газет, бир қўлда тор,
«Лирика»ни ювмади лек Эътибор.
Бибисора ҳам Санобар қайдадир,
Битта шеъри бир зиёфатга татир.

Хуллас, энди барчангиз ҳамдам бўлинг,
Худци «Қизлар давраси»дек жам бўлинг.
Шеър ёзар чоғидагидек ёнингиз,
Бунда дастурхонингиз — достонингиз.
Ўзингиз айланг товус янглиғ хиром,
Шеъриятдай тотли бўлсин ҳар таом.
Ол яноғингиз каби олма, анор,
Кўзларингиздек чарос боқсин хумор.
Эслатиб ҳам писталар хандонингиз,
Юзингиздек кулса ширмой нонингиз.
Бўлса бодомлар қабоғингиз каби,
Ҳам мурабболар дудоғингиз каби.
Лағмон эшиб тола-тола сочингиз,
Мисли ёйиб ташлагандай сочингиз.
Сочдаги баргакдайин кўк бодиринг,
Ҳамхино янглиғ патинжон олдиринг.
Тарвузу қовунни ҳам сероб қилинг,
Худди ошиқларни тилгандай тилинг.
Ҳар узум бўлсин дуру маржон каби,
Ё Мукаррам шеър ўқиб турган лаби.
Шабнамикимой Нилуфар холидай,
Таъми Ойдин шеърларининг болидай.
Турса соз сизнинг ғазал янглиғ шароб,
Кирса боз бизнинг юрак янглиғ кабоб.
Ол анорни дилни эзгандай эзинг,
Шарбатини майни сузгандай сузинг,
Барча неъмат бир томону шеър соз,
Шеър бирлан бизни айланг сарфароз.
Ўлтириб оппоқ саҳардан токи шом
Бўлмасин ҳеч баҳсу шеърхонлик тамом.
Бу каби суҳбатга чин дўстлар аро
«Қилса арзир юз Саида жон фидо».

Мен бўлай бир неча ҳамроҳим билан.
Ўлмасу Абдулла, Иброҳим билан.
Боргумиз ютсак агар албатта биз,
Иўқса сиз иззатдаю хизматда биз.
Шоюсуф обкашда тонгдан сув ташир,
Ҳам Барот ўқлоғ тутиб ёйгай хамир.
Чучвара туккай Муҳаммад чўккалаб,
Ўт пудар Ҳусниддин ўздан ўпкалаб.
Не ажаб, куйса патир, ёнса қозон,
Тандир олдида Рауф, ошпаз — Омон.
«Ҳай» деб уф тортиб Жамол елпир кабоб,
Топмайин човлини Охунжон хуноб.
Шу маҳалда бир латифа, шубҳасиз,
Тўлқину Анварга сўйлайдур Азиз.
Оқибат меҳмонхона қоқ ер бўлур,
Катта дастурхонда ёлғиз шеър бўлур.
Бир томонда сиз пари рухсоралар,
Бир томонда биз ғариб бечоралар.
Ким қошин куйдиргану дўппини ким,
Бош эгармиз, ёлворармиз сизга жим...

Хат ёзилди, энди биз омад талаб,
Элчининг чаққонлигида ҳамма гап.
Йўлласак Маъруф Жалилни — анча бўш,
Ёки Сайёрми? У бўлмас, лаққа гўшт...
Хўш, ким элчи? Ҳа, билиб ишнинг кўзин,
Элчи қилдик мулла «Муштум»нинг ўзин.
Ушлаб олмоқнинг сира имкони йўк,
Чунки у кетгувчи ер поёни йўқ...
Қор ёғар — осмонда оққушлар учар,
Қор ёғар — осмондан оқ укпар тушар.
Қор ёғар, қорхат ила хуллас калом,
Барча ой қизларга йўллаймиз салом.
1973


ҲОЗИРГИ ЁШЛАР

Қари толга суяб
Ирғай асони,
Оқсоқол сўрига аста ёнбошлар.
Хаёлдан ўтказар кори дунёни:
«Эҳ, ҳозирги ёшлар,
Ҳозирги ёшлар!»

У аср тенгдоши.
Бутун умр энди
Кеча кўрган тушдай кўзи олдида,
Йигирма ёшида амирни енгди,
Водийга сув очди ўттиз олтида.
Ёшлигини эслар,
Уф тортар секин.
Салгина чимрилар оқ тушган қошлар.
«Биз ҳам ёш бўлганмиз бир маҳал,
Лекин
Бошқачароқ чиқди ҳозирги ёшлар».

У колхоз тиклади,
Янги юрт қурди.
Босмачига қарши от сурди ўктам.
Жангу жадалларнинг барини кўрди.
Кўрди очликни ҳам,
Юпунликни ҳам.
«Бизга хаёл эди,
Туш эди фақат
Тўкин дастурхону лаззатли ошлар.
Бахти боқий бўлсин,
Аммо бу жаннат
Қадрин билармикин ҳозирги ёшлар!»

Кўз олдидан ўтар қирқ биринчи йил,
Масков бўсағаси,
Аччиқ қаҳратон.
Агар қулатмаса дайди ўқ сабил,
Берлиндан қайтарди бўлиб қаҳрамон.
Эслар, ҳар ён олов,
Ўт ичра дунё.
Мажруҳ гавдалару узилган бошлар...
«Юрт тинч бўлсин,
Бир гап бўлса мабодо,
Бардош берармикин
Ҳозирги ёшлар!»

Уй-жой қилиб берди мана, Турғунга,
Турмушга чиқарди Назирасини.
Букун эса ўйлар дорилфунунга
Киролмасдан қолган набирасини.
Домласига ўзи борсинми секин
Орденларни тақиб,
Оқилни бошлаб...
«Ким билади дейсиз, бўштоброқмикин,
Эркатойроқмикин ҳозирги ёшлар...»

Яна дер:
«Бўш қолсак тунлар бўлиб жам
«Чордарвеш» ўқирдик қуршаб танчани.
Булар танимайди Ҳувайдони ҳам,
Эртаю кеч ўйлар кино, танцани.
Ақли кирармикин буларнинг бир кун,
Ким билади, қачон қуюла бошлар!
Оғир кун кўрмади.
Балки шунинг-чун
Енгилроқ ўсдими ҳозирги ёшлар!»

Тоҳирни ҳалитдан тинч қўймас қизлар,
Ярим тунда қайтар уйга ҳамиша,
«Унча бўлмасак ҳам илмда бизлар,
Аммо кучли эди одоб, андиша.
Бировнинг қизига сал қараб қўйсак,
Бизлар аталардик шўху бебошлар.
Баъзи киноларми бузмоқда андак,
Капалак мижозроқ ҳозирги ёшлар...»

Тўнғич ўғли у кун қизалоқ кўрган,
Номини Шарлотта қўйибди, ажаб.
Ўртанчаси тоғда юргани юрган,
Баъзан уч ойда бир келмайди йўқлаб.
Наҳот отасидан бўлса азизроқ
Қайсидир тоғдаги қандайдир тошлар...
«Бизнинг борди-келди одатдан йироқ,
Бемеҳрроқ ўсди ҳозирги ёшлар...»

«Кийимлар-чи...
Қизиқ буларнинг диди.
Ола-чипор кўйлак...
Нимаси кўркам?
Рост айтсам унчалик ёқмаган эди
Оталарга бизнинг чарм камзул ҳам.
Байналминал айтиб, байроқ кўтариб
Кўчага чиққанда ўктам сафдошлар,
Кексалар деганди йўлдан қайтариб:
Нега шумлик қилар ҳозирги ёшлар?

Энди буларга ҳам ҳар қалай оғир,
Замон шитоби тез, парвози тикка.
Кеча тили чиққан Наргиза ўқир
Биринчи синфда математика.
Бизлар ҳафтиякдан бошлаган эдик,
Булар икс билан игрикдан бошлар.
Дуруст, зеҳни ўткир, қадами тетик,
Ўзимизга тортди ҳозирги ёшлар.

Гинаси ноўрин,
Қарилик қурсин.
Бекор юрмагандир тоғларда Ўктам,
Мана, керак бўлса Рустамни кўрсин,
Боласидан аъло жиян бўлса ҳам.
Ўзи қотмагина, ниҳолдай хипча
Нари борса ўттиз, ўттиз бир ёшлар...
Фан доктори бўлди Масковда кеча...
Бало чиқиб қолди ҳозирги ёшлар.

Бахти бутун бўлсин,
Толеи бекам.
Шуларнинг борлиги менинг иқболим».
Чол кўз ёшин артар,
Шу пайт менинг ҳам
Келажак йилларга учди хаёлим.
Замонлар келадир
Яна ажойиб.
Балки пайдо бўлар сунъий қуёшлар.
У пайтлар, ким билсин,
Қариб-қартайиб,
Мункиллаб қолармиз ҳозирги ёшлар.

Шунда келажакнинг боғлари аро
Биз, яъни кексалар суҳбат қурган чоғ
Сўзлармиз:
«Қарши деб аталган саҳро
Бизнинг қўлимизда бўлган эди боғ.
Эсингдами Газли,
Зилзилалар-чи?
Қайта шаҳар қурган қардош-қурдошлар...
Биз янги эрадан бўлгандик жарчи,
Нима ҳам кўрибди ҳозирги ёшлар!

Қара,
Оқ кўйлакка гулстук тақиб,
Агрегат ёнида туришар булар.
Биз ишладик қўлни мойларга тиқиб,
Энди роҳатини кўришар булар.
Фанда инқилобни биз қилдик илк бор,
Илк бор парвоз қилган бизнинг йўлдошлар.
Кўкни обод қилдик,
Ерни ҳам гулзор.
Эҳ, ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар!»
1973


ЎЗБЕКИСТОН

Фахрия

Юртим,
Сени яна олдим қаламга
Тўйинг, шодиёнанг баҳона бўлиб
Яна келиб қўндинг тонгги мисрамга
Фалак нисор этган дурдона бўлиб.
Иқбол пешонамга битган ошёним —
Ўзбекистоним.

Толеим бор экан,
Сенга ҳамнафас,
Оташин қуёшинг билан йўғрилдим.
Юз йил аввал эмас, юз йил сўнг эмас,
Туғёнли асрда сенда туғилдим.
Гуллар сочдинг мен илк босган қадамга
Бағринг менга нурли кошона бўлиб.
Жаҳон ичра менинг тенгсиз жаҳоним —
Ўзбекистоним.

Мақсад манзилида довон ошган дам
Йўлчи ҳам бир тўхтаб олгандек нафас,
Марзагача етиб борган деҳқон ҳам
Ортга боқиб бир зум қилгандек ҳавас,
Эллик баҳор кўриб ҳаёт боғида
Умр камолига қўл чўзиб инсон,
Олтин дарвозани чертган чоғида
Сарҳисоб қилади умрин бегумон.
Босиб ўтган йўли шунда одамга
Туюлади минг бир поғона бўлиб.
Минг бир довон ошган алп паҳлавоним —
Ўзбекистоним.

Асли эллик эмас, эллик минг ёшинг,
Кечмишинг тарихлар нариёғида.
Тўмарисдек она Кайхисрав бошин
Қон тўла саночга солган чоғида,
Спитомен камон тутиб дастида
Мароқандни сақлаб турганда узоқ,
Ёвни адаштириб ўлимдаштида
Кўкрак очиб қаҳ-қаҳ урганда Широқ,
Ҳали ўзбек эмас, лекин оламга
Машҳур эдинг соқу суғд она бўлиб.
Искандарни мажруҳ этган камоним —
Ўзбекистоним.

Ваҳшат водийсида кечди асрлар
Алжабр устодин тукқунча еринг.
Илминг юксалгунча Беруний қадар,
То Алишер қадар етгунча шеъринг,
Ҳайратга солгунча фан оламини
Фарғоний чиқарган аниқ ҳисоблар...
Тебранса не ажаб Тошкент замини,
Бу ерга кўмилган миллиард китоблар.
Фарангу ҳинду чин, ироқ, ажамга
Таралдинг Алқонун, Сайдона бўлиб.
Буюклар тан берган буюк достоним —
Ўзбекистоним.

Минг бора тикландинг, минг бор қуладинг,
Ёвлар қамчисидан чекканда озор —
Алпомиш сингари ўғлон тиладинг,
Тиладинг Гўрўғли сингари сардор.
Сен ҳам гуллар териб умид боғидан
Толе орзусида туздинг алёрлар.
Аммо бўталаринг кўнғироғидан
Чўлларда тўкилиб қолди оҳ-зорлар.
Умринг эгиз бўлди андуҳ аламга
Орзуларинг бари афсона бўлиб.
Барчиннинг кўксида қолган армоним —
Узбекистоним.

Замин дардича бор бир аёл дарди,
Ойнинг доғи балки унинг доғидан.
Фарёд олов бўлса олам ёнарди
Шарқлик жувонларнинг чеккан оҳидан.
Зебунисо ўтди танҳо ва маҳзун
Бошида ўт бўлиб малика тожи.
Тун бўлиб ёйилар Қўқонда ҳар кун
Нодирабегимнинг қирқилган сочи.
Аёл!
Тўрт деворда кўмилдинг рамга,
Ғазалларда фақат жонона бўлиб.
Барнодек, Анбардек дили сўзоним —
Ўзбекистоним.

Ҳали сокин туман чулғаб бағрини
Ғафлат уйқусида ётарди олам,
Умид қаламида «Қуёш шаҳри»ни
Ҳали ёзмаганди Кампанелла ҳам.
Нажот кўзи билан мағрибга боқиб,
Кўҳна Хоразмдан йўл олган карвон
Ёвмут саҳросида ойлар улоқиб
Масков тупроғига етганда омон,
Ўзбеклар тўқиган шоҳи, гиламга
Боққанда зарифлар ҳайрона бўлиб,
Дўстлик ипак йўли очган карвоним —
Ўзбекистоним.

Дарвозангни очдинг маърифат, фанга,
Сенга ошно бўлди Пушкин каби зот.
Лекин бахту иқбол кулмади санга,
Ҳали олис эди сен кутган нажот.
Эрк дея аталган табаррук шамга
Интилдинг бир умр парвона бўлиб.
Парвонадек куйиб ўртанган жоним —
Ўзбекистоним.

Дардингни куйлади анҳорларингда
Ғижирлаб айланган кўҳна чархпалак,
Санъатинг мунаққаш деворларингда,
Лекин ободлигинг бўлди Ҳапалак.
Париларинг тутқун бўлиб ҳарамга,
Улуғ шоирларинг девона бўлиб,
Тақдир саҳросида зору сарсоним —
Ўзбекистоним...

Кўп элларни кездим, кўп юртлар кўрдим,
Бир-биридан гўзал, бир-биридан соз.
Лекин Шаркда машъал чароғон юртим
Оламда тенги йўқ, ўлкадур мумтоз.
Бунда дўстлик куйин айтур ҳар чечак,
Бунда бахтни қилур ҳар булбул наво.
Диллардаги азал башарий тилак —
Буюк биродарлик гулшани аро
Осиёхон деган сулув санамга
Олтин сепу атлас сўзона бўлиб
Кулиб турган, ёруғ, мунис маконим —
Ўзбекистоним.

Йироқдан эшитиб сурнай овозин
Кўчага югурган бола сингари,
Мен ҳам қўлга олиб сибизға созим
Тўйингга шошарман элдан илгари.
Тилак шу — қўшиғим катта байрамга
Етиб борса кичик тўёна бўлиб.
Менинг ҳам қолмасди дилда армоним,
Ўлкам, онажоним, юрагим, жоним —
Ўзбекистоним.
1974


ДЎСТЛАРГА МАКТУБ

Букун деразамни очдиму саҳар
Юзимга урилди салқин шаббода.
Хаёлчан шивирлаб қизримтир барглар
Кузак ҳикоясин сўйларди боғда.

Ажаб, бир кечада ўзгармиш олам,
Бир кечада борлиқ олмиш ўзга тус.
Инсон умри каби тездир фасл ҳам,
Кеча ёз эди-ку, букун, қаранг, куз.

Мен ҳам кечагина ўспирин эдим,
Ғурурли талаба эдим, қадди тик.
Бизни ҳам чорларди кузакда терим,
Гурпаклашиб юриб пахта терардик.

Оқ ойдин далалар, шийпон, оромгоҳ...
Кўз олдимдан ўтар ҳамма, ҳаммаси.
У дамлар шукуҳин эслатди ногоҳ
Деразамдан кирган кузнинг нафаси.

Қайдасиз, қайдасиз, менинг дўстларим,
Сизни жон-жонимдан соғиндим букун.
Қайдасиз, Анбара, Шокиру Карим,
Қайда тўрт дугона — юзлари гулгун?

Кеча эмасмиди ул завқли кузак,
Қаранг-а, шунча вақт ўтиб кетибди.
Биз хайрлашган йил туғилган гўдак
Бугун роса ўн беш ёшга етибди.

Бизлар дорилфунун ошёнидан
Учирма қушлардек учдик ҳар томон.
Ҳар ким макон тутди ўз бўстонидан,
Бугун давра ўзга, ўзгадир даврон.

Ҳар ким ўз бахти, ўз дарди билан банд.
Турмуш қозонида қайнаб ётамиз.
Куни кеча эдик ўзимиз фарзанд,
Бугун фарзандларга она, отамиз.

Мана кузак келди, еллари сарин,
Ёшликдаги каби тиниқ, беғубор.
Қайда бўлсангиз, эй қадрдонларим,
Талабалик даврин эслангиз бир бор.

Янги дўстлар билан далага бориб,
Ҳордиқ кунларида пахта терган он
Эслаб қўйинг оқшом чанг бўлиб, ҳориб,
Қўшиқ айтиб қайтган чоғимиз хандон.

Оппоқ далаларга завқ билан қаранг
Шарифа термилиб қараган каби.
Бу чаноқ — интила-интила аранг
Шоир бўлган битта дўстингиз қалби.

Ҳануз талабамиз, ҳануз ёшмиз, бас,
Шавқу хаёлотнинг бандаларимиз.
Далага сочилган пахталар эмас,
Бизнинг ёшликдаги хандаларимиз.

Эй, менинг дўстларим, кирому матлуб,
Ёшликнинг ўзидай азиз, ягона.
Сизни ёдга олиб йўлладим мактуб
Кузак шаббодаси бўлди баҳона.

Тилагим, бизларга бахтдек йўлиққан
Илк туйғу, севинчлар доим ёр бўлсин.
Умрингиз биз илк бор пахтага чиққан
Ўша пок фаслдек беғубор бўлсин.
1974


ИЛТИЖО

1

Эй, ҳаёт дейилган мўъжизий қудрат,
Тириклик аталган буюк ибтидо!
Эй, мени оламга келтирган қисмат,
Жонлар волидаси — эй, олий момо!
Чархмисан — фалакми ёки табиат,
Шукрона айтурман сенга аввало!

2

Инсон жисмин бериб менга бул сифат,
Кенг оламни қилдинг кўкрагимга жо.
Дилимга ҳис бердинг, бошимга фикрат,
Қулоғимга оҳанг, кўзимга зиё.
Солдинг қалбга жону жонга муҳаббат,
Қўлимга соз тутдинг, тилимга наво.

3

Менга насиб этдинг шундай мамлакат,
Мамлакатки олам мулкида танҳо.
Яшамоққа бердинг созгина муҳлат,
Тарих тирсагидан умр этдинг ато.
Шукрона айтайин, бергил ижозат,
Замону маконинг учун бебаҳо.

4

Мен дунёга келдим — таажжуб ҳолат —
Ўшал Икки Буюк Чексизлик аро.
Балки тасодиф бу, балкй зарурат,
Менга насиб бўлди бу давру маъво.
Теграмда фазовий чексиз сукунат,
Ортимда мангулик, олдимда бақо.

5

Мен яралган макон эмасдур жаннат,
Мен туғилган замон эмас пурсафо,
Бунда бордир фақат кураш ва меҳнат,
Маслаклар жанги бор, бор ҳирсу зако.
Нуру адолат бор, зулм ва зулмат,
Жафою заҳмат бор, фароғат, сафо...

6

Бунда бор қанча ирқ ва қанча миллат —
Бунда бор ёнма-ён нодонлик, даҳо.
Бунда бор ваҳшийлик ва маданият,
Ўқ-ёйдан самовий кемагача то.
Бу — йигирманчи аср аталган фурсат,
Бу — курраи оламдейилган бино.

7

Не давронлар кечмиш қолдириб шуҳрат,
Барчасига шоҳид бу қари дунё.
Унга бегонадир таажжуб, ҳайрат,
Бу ажиб замондан воладир аммо,
Тарих кўрган эмас бу янглиғ суръат,
Бунчалар парвозни билмаган асло.

8

Вақт келар, оламда ғолиб ҳақиқат
Бир ўлка яратгай бахтиёр, якто.
Қандай ном олмасин ўша жамият,
Авлодлар ўқирлар бизга тасанно.
Чунки умримизга эш бўлиб шиддат,
Инқилоб даврига бўлдик ошино,

9

Эй, ҳаёт дейилган мўъжизий қудрат,
Тириклик аталган буюк ибтидо!
Эй, мени оламга келтирган қисмат,
Жонлар волидаси — эй, олий момо!!
Қошингда тиз чўкай, бергил ижозат,
Шукронамни айтиб қилай илтижо.

10

То бу дам нимаки килибман ният,
Кўнглимда туғилмиш неки муддао,
Қандайки сўрабман сендан саодат,
Барчасини бекам қилдинг муҳайё.
Қошингда тиз чўкай, бергил ижозат,
Ёлвориб қилайин сенга илтижо.

11

Менга диёр бердинг, кўрку латофат,
Ҳусну малоҳатда тенги йўқ, аъло,
Она ўлкам менинг рамзи садоқат,
Дурлар шодасида дурдона гўё.
Мен уни севганман, жоним ол, фақат
Диёрим меҳридан қилмагин жудо.

12

Менга маслак бердинг, ҳур инсоният
Ойдин истиқболи умримга маъно.
Бор экан кўзда нур, танимда қувват,
Ўшал эътиқодим менга раҳнамо.
Розиман, майлига, боримол, фақат
Ёруғ ишончимдан қилмагин жудо.

13

Менга севги бердинг, ул офтоб талъат
Дилимга дард солди ҳам бўлди шифо,
У боис менда бор қувонч ва ҳасрат,
У боис кўрарман вафо ҳам жафо.
Майли, ўша ўтда ёнайин, фақат
Мени муҳаббатдан қилмагин жудо.

14

Менга дўстлар бердинг, дўстлик-ку ҳикмат,
Танҳолик дардига у танҳо даво.
Оламда бор бўлса неки фароғат,
Аввало дўстимга кўрурман раво.
Юрагимни олгин, розиман, фақат
Мени дўстларимдан қилмагин жудо.

15

Менга қалам бердинг, мунис шеърият
Ҳаётимни қилди тўлуғ ва расо.
Кўздан уйқу кетди, тандин ҳаловат,
Лек жоми жам бўлди кўнглимда пайдо.
Жону жаҳонимни ол, майли, фақат
Мени шеър меҳридан қилмагин жудо.

16

Замон келар бир кун, эллар ҳамжиҳат
Саодат қасрини қилурлар бино.
Мен ҳам ўша кунга борурман албат
Қаламимни қилиб қўлимда асо.
Илтижо қилурман сенга, табиат,
Мени пок ниятдан айирма асло.
1974


ВАФО

1

Соғинганда излаб бир нишон
Қабринг томон мен оламан йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.
ЗУЛФИЯ

— Гарчи йиллар чанги ҳар нега қодир,
Мени қилолмади ёдингдан нари.
Яна ҳузурингда турибман, шоир,
Қўлимда бир қучоқ баҳор гуллари.

Ажаб, қатра ёш йўқ бу кун кўзимда,
Кўксимда йўқ зарра аламдан тугун.
Ғам эмас, шодлик бор қора кўзимда,
Сени қутлагани келганман бугун.

Толе кулганда ҳам ҳижрон-балода
Баҳам кўриб севинч, дард-ҳасратимиз —
Қирқ йил умр кўрдик бирга дунёда,
Бу кун қирққа тўлди муҳаббатимиз.

Биз қирқ йил ёнма-ён, орзуга банда,
Фақат саодатни тараннум этдик.
Вафо деб аталган тоза гулшанда
Ўзинг орзу қилган кунларга етдик.

Мана, сен жонингдан севган Ватанинг,
Толеинг тимсоли, оламда мумтоз.
Самовий кемалар, орзуинг сенинг
Ложувард кенгликка қилдилар парвоз.

Сен бахтлар водийси атаган диёр,
Икки дарё ювган икки кокилин —
Бу кун етти иқлим махзанича бор,
Бу кун ўн беш кунлик ой каби тўлин.

Ҳулкаринг илмда довонлар ошиб,
Бу кун таҳлил қилар сенинг дафтаринг,
Йигирма биринчи асрга шошиб,
Бетиним югурар набираларинг.

Қулоғимга келар кўча-кўйлардан
Қийқириб ўйнаган болалар саси.
Булар — сен ишонган ва сен куйлаган,
Лек сен етолмаган зафар меваси.

Ғалабани қандай орзу қилардинг!
Орзуларинг эди дилингга қанот.
Сен қандай қувониб тошган бўлардинг —
Енгганин кўрсайдинг ўлимни ҳаёт!

Шеър бўлиб тўларди қалбингга сенинг
Майдонлардан оққан музаффар турлар...
Ҳали совимаган қабрингга сенинг
Зафар салютидан тўкилди чўғлар.

Тобора кетмоқда ёшлик йироқлаб,
Лаҳза ором билмас ҳануз дил сенсиз.
Ҳар баҳор келганда сени сўроқлаб,
Оламда яшабман ўттиз йил сенсиз.

Умрим бир он сендан айру бўлмади,
Сочларимга қўнди тола-тола оқ.
Йиллар сени мендан йироқ қилмади,
Йиллар иккимизни этди яқинроқ.

Мен сени ҳеч қачон йўқотганим йўқ,
Доимо ёнимда нафас оласан.
Очиқ дафтарингни қўзротганим йўқ,
Ўйлайман, кечқурун келиб қоласан.

Тонг сени уйғотмай мен ишга бориб,
Кеч боғда сен учун узаман гилос.
Ҳар кун уйимдасан, лек ишдан ҳориб
Нариги хонада ётибсан, холос...

Аввал сен ўқиисан янги шеър ёзсам,
Сенга айтдим севинч ғаму андуҳим.
Мен ўзим кай маҳал қайда бўлса ҳам
Сен билан боғларда сўзлашар руҳим.

Висолга айланди мен учун ҳижрон,
Ёдингга шунчалар ўрганиб қолдим, —
Азиз жонинг билан туташдию жон,
Балки мен ўзимҳамсен бўлиб олдим.

Ҳассос қаламингни тутдим қўлимга,
Сен бўлиб куйладим мен жону дилдан.
Сени тирик дедим қизим, ўғлимга,
Йўқлигингни доим яширдим элдан.

Юлдузлар чиққанда ҳар кеч фалакка
Сенинг кўзларинг, деб кўкка қарайман.
Китобинг вараклаб тонггача якка
Сатрларинг билан ўзни ўрайман.

Сен ҳануз турибсан ўттиз беш ёшда,
Ўшандай ғайратли, ўшандай ўктам.
Нега энди сендан бўлайин бошқа?
Ўттизга етмаган ёшдаман мен ҳам.

Шунча узоқ бўлдинг, бас, энди етар,
Бир лаҳза мендан ол танҳолик юкин.
Бир лаҳза, шоирим, бошингни кўтар,
Сени қутлагани келганман бугун.

Ана, кўтарилди уфкдан қуёш,
Бу сенсан, шуълалар — заррин қанотинг.
Менга қутлуғ бўлсин вафо ва бардош,
Қутлуғ бўлсин сенга янги ҳаётинг.

2

Халққа айтинг:
Мен асло ўлганим йўқ!
Ҳамид ОЛИМЖОН

— Мени, барҳаётсан,
Дединг, шоирам,
Ёруғ дунёдаги
Ҳаётим ўзинг.
Мен уни ногаҳон
Тарк айлаган дам
Қолдирган байтиму
Баётим ўзинг.
Айрилиқ қисматда
Бор экан, нетай,
Лекин сен бирламен,
Мени ёр десанг.
Не учун оламдан
Йўқ бўлиб кетай,
Мени ўз ёнингда
Доим бор десанг.
Ҳаётдаман,
Фақат
Жисмдан холи,
Дунёни кўксимда
Сезиб турибман.
Фазода сайр этган
Кема мисоли
Борлиқ теграсида
Кезиб юрибман.
Ҳаётимни этмиш
Мангу чароғон
Сенинг қалбингдаги
Ойдин хаёллар.
Бевафо дунёда
Яшайди инсон
Борлиги туфайли
Сендек аёллар.

Кечди тирик умрим
Шеър билан пайванд.
Ҳайрат кўзи билан
Атрофга бокдим.
Гоҳи пастга тушдим,
Гоҳ чикдим баланд,
Зарафшон сувидек
Ҳайқириб оқдим.
Аммо ҳаётимнинг
Пок дурдонаси,
Мен топган энг аъло
Шеърим,
Ғазалим,
Қалбимнинг энг юксак
Шодиёнаси
Сен бўлдинг,
Фариштам,
Доно гўзалим!
Ёдингдами, бизлар
Илк кўришган ЧОР?
Борлиқ кўнглимиздай
Мунаввар эди.
У олам,
У осмон,
У яшнаган боғ
Гўё бахтимга тенг
Муяссар эди.
Кун-кун эмас эди,
Шеър баҳси аро
Қўшалоқ шам каби
Ёнмасак агар, —
Кўзларингдай қора
Кечалардан то
Юзларингдай ёруғ
Субҳидам қадар.

Сўнг...
Бир кун ёнингга
Шошиб келардим,
Фурсат тўхтаб қолди
Йўлда ногаҳон.
Интилиб,
Интилиб
Етолмай,
Дардим —
Дилга оқди, гўё
Бир пиёла қон.
Сўнг...
Сен нола қилдинг
Сочингни ёйиб,
Фируза томчилар
Окди юзимга.
Кейин...
Ҳамма нарса
Бўлдию ғойиб,
Сингиб қолди фақат
Чеҳранг кўзимга.
Шоирам!
Сен боис
Ҳаётда қолдим!
Жоним кипригингда
Тутдию макон,
Кўзингда кўзларим,
Қалбингда қалбим,
Вужудингда ўзим
Бўлдим намоён.
Менинг ҳам созимдир
Қўлингдаги соз,
Менинг ҳам изим бор
Ўтган йўлингда.
Қўшиқларим қилди
Оламга парвоз,
Даставвал жаранглаб
Сенинг тилингда.
Шундан икки илҳом
Ёр бўлди сенга,
Қалбингда сўйлади
Ҳамоҳанг диллар.
Шу боис
Дилрабо
Нозик шеърингга
Қуйилди
Жанговар,
Ёниқ сатрлар.
Ҳассос шеър таралди
Коинот бўйлаб,
Унда нолаю бонг,
Эрк оҳанги жам.
Ўтли қалбдан чиққан
Қўшиғинг тинглаб,
Ўзбек овозини
Таниди олам.
Шоирам!
Машъалинг
Кўтаргин баланд,
Минглаб оналарнинг
Юраги сенда.
Бир умр ёрининг
Ёдига пайванд
Мунис келинчаклар
Тилаги сенда.
Сен ўтган йўлларда
Чечаклар қолсин,
Сен кирган хоналар
Бўлсин чароғон.
Кўзларингдан қуёш
Шуълалар олсин,
Юлдузларин сочсин
Бошингдан осмон.
Торинг минг булбулдай
Тошиб сайрасин,
Ғаму ҳасратларни
Айлагин барбод.
Сен шундай яйраки,
Олам яйрасин,
Агар менинг руҳим
Бўлсин десанг шод.
Баланд уч,
Олис уч
Шеърий самода,
Мен учун ҳам яша,
Куйла, шоирам!
Ўзинг айтганингдек,
Ёруғ дунёда
Сен ҳаёт экансан —
Ҳаётман мен ҳам!
1975


УСТОЗ ҒАЙРАТИЙГА

Не бахтким, бизни устоз
Бир замон ашъорга ўргатмиш,
Нафосат деб аталган
Ул ажиб асрорга ўргатмиш.

Қалам тутгандин илк бор
Бизни ўргатмиш садоқатга,
Навоий бирла Пушкин,
Саъдию Атторга ўргатмиш.

Қади ё бир ҳилол гўё
Йиғиб атрофга юлдузлар
Жилою нур дарсин
Гумбази давворга ўргатмиш.

Не ҳайрат, ҳайратомуз —
Қуш бўлиб учсак, бизимустоз
«Лисонут тайр» бирла
«Ҳайратул аброрга» ўргатмиш.

Ким ўргатмиш демангким,
Ғайратий ул; Хайриддин, Анвар,
Томилла, Матлуба, мен,
Тўлқину Сайёрга ўргатмиш.
1972-1975
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:30:24 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #2 : 27 Fevral 2010, 15:11:40 »
- ТИРИК САЙЁРАЛАР -

Деразамдан тушган тола нур
Сомон йўли каби товланур


* * *

Эй, мен билган,
Билмаган дунё!
Заррадан то Коинот қадар,
Ҳам аён, ҳам тилсимот қадар
Фикрат бовар қилмаган дунё!
Мен ҳам сендан
Бир кисм бўлиб,
Ҳис, идрок, жон ва жисм бўлиб
Яралибман, яшамоқдаман.
Оқар экан тириклик — дарё
Ҳаёт билан гоҳ тўлқин аро,
Хаёл билан гоҳ қирғокдаман.
Куйламоқнинг шавқи ҳам — яшаш,
Ўйламоқнинг завқи ҳам — яшаш,
Қай бири чин ҳаёт — билмасман,
Элга очдим қучоқларимни,
Елга сочдим хуш чоқларимни,
Лекин тунги қийноқларимни
Ҳеч кимсага ҳадя қилмасман.
1976


ТИРИК САЙЁРАЛАР

Деразамдан тушган тола нур
Сомон йўли каби товланур.

Ҳайратки, шу тола нур аро
Минг-минг зарра кезар овора.
Ҳар бир зарра балки бир дунё,
Эҳтимол, бир ўзга сайёра...

Кўриб не бор ўз тақдирида,
Балки яшар минг-минг коинот.
Ҳеч ажабмас, шулар бирида
Мавжуд бўлса тараққий, ҳаёт.

Инсон-чи, дўст топмоқни ўйлаб
Танҳоликдан бу тор дунёда,
Юлдузларга кемалар йўллаб,
Жонзот излар чексиз фазода.

Бордек йироқ туркумлар аро
Ўзи каби оқил бир хилқат,
Инсон кўкка боқар доимо,
Тинтув қилар осмонни фақат.

Аммо билмас, қилмас тасаввур,
Хаёлига келтирмас башар,
Ўзга жонзот балки бўлиб нур,
Оҳанг бўлиб у билан яшар.

Ўзга ҳаёт балки сокин тун
Камишларнинг шовиллашидир.
Тонготарда балки лолагун
Шафақларнинг ловиллашидир.

Ҳожат эмас кўкдан изламоқ,
Кемаларни қилмоқ овора.
Одамзоднинг ўз қалбидаёқ
Яшаётир ўзга сайёра.

Фазоларнинг қай бурчагига
Фикри билан етадир инсон,
Аммо не бор ўз юрагида —
Билмай ўтиб кетадир инсон.

У яшайди тилсимлар аро,
Ҳар кашфиёт янги маррадир.
Унинг ўзи сирли бир дунё,
Дунё эса фақат заррадир.

Деразамдан тушган тола нур
Сомон йўли каби товланур.
1976


БИЗЛАР ИШЛАЯПМИЗ

— Гапинг бўлса,
мендан тўғрича сўра,
Микрофонингни қўй, мухбир укажон!
Мен учун темирга сўзлашдан кўра,
Эртадан кечгача ер чопган осон.
Бизнинг ишимизни «саховат» дединг,
«Дала полвонлари» атадинг бизни.
Бунча баландпарвоз сўзламас эдинг,
Билсайдинг кўнглимиз, одатимизни.
Бизга тўғри келмас «чавандоз» сўзи,
«Жонбозлар» деганинг эришроқ бир оз.
«Зафар маррасини қучмоқ» не, ўзи?
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Тўғри,
Биз кўплардан эрта турамиз,
Бошқалардан кўра ётамиз кечроқ.
Ёзу қиш далада «жавлон урамиз» —
Сенинг сўзинг билан айтганда —
Бироқ,

Пахтакор касбининг шох-бутоғи йўқ,
Фақат меҳнатимиз сал ўзига хос.
Қўл қадоғи бор-у, иш адоғи йўқ.
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Касбнинг ўнғайи йўқ,
ишнинг осони,
Байт бор:
машаққатсиз бўлмайди ҳунар.
Кимнинг ширин бўлса агарда жони,
Ҳар бир касб кўзига мушкул кўринар.
Тириклик деганнинг ўзи бўлмайди,
Ризқ осмондан тушмас чекиб ётсанг нос.
Озроқ жон койитса, одам ўлмайди,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

«Бободеҳқон» эмас,
биз оддий деҳқон,
Шунинг учун гапнинг тўрриси маъқул.
«Пахта ишқи» дединг,
бу ишқмас, ишон,
Пахта жононамас, гул ҳам эмас ул.
У пешона тери,
машаққат,
озор,
Елкадаги юк у — бизларга мерос.
Асалари учун «балли» на даркор? —
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Дала хаёлингда балки соф ҳаво,
Фақат тиниқ сувдир,
Кўм-кўк майса ўт.
Йўқ,
бунда
техника, илм бор,
кимё,
Пахтазор ҳам бугун каттакон завод.
Биз ҳам,
ўйлаб кўрса,
рабочий одам,
Энгил мой,
кўнгилда моторга ихлос,
Лекин биз хурсандмиз шунисига ҳам,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Фан-ку, ўз йўлига,
пахтага туйғу,
Илми ғайб дегандек,
сезги ҳам керак.
Бир кун эрта эксанг, эрта бўлар-у,
Бир кун кеч қадасанг,
кеч қолдинг, демак.
Темирчидан эмас, деҳқондан чиққан
бу мақол:
темирни қизиғида бос.
Кўзимиз ўрганган,
юрак чиниққан,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

«Чопиқ гашти» дединг,
эҳ, бу не роҳат,
Билмоқ бўлсанг, сезмоқ бўлсанг, не ҳузур,
Кун бўйи демайман,
бир-икки соат
Лолақизғалдоқнинг офтобида тур.
Бу иш
«пўлат отни мағрур суриш»мас,
Рост гапни айтавер,
Уялтирмас рост.
Далада чанг ютиш «жавлон уриш»мас,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Газетда шеърингни ўқидим у кун,
Сувчи тўғрисида битибсан «ашъор».
Тасвирлабсан:
сувчи оппоқ-ойдин тун
Сув бўйида ёрин
кутар интизор.
Бир кеча кўрсайдинг сувчи заҳматин,
Ойни ҳандалакка қилмасдинг қиёс.
Тарк этиб саҳарги уйқу лаззатин,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

«Улкан мажбурият»,
«аҳду паймонлар» —
Деҳқон сўзимас, —
биз кўкрак кермаймиз,
Ҳисоб-китоблидир бизнинг планлар,
Кўзимиз етмаса, ваъда бермаймиз.
Ҳар бир режамизда
тажриба,
ҳаёт,
Ҳар сўзимизда бор бир илмий асос.
Қилмоқда эмасмиз
«афсона бунёд»,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Чигитнинг навию
Тупроқ кучидан
Тоғнинг қоригача ҳисобда,
бироқ
Табиатда иш кўп бизлар кутмаган,
Пахтанинг дўстидан душмани кўпроқ.
Қурт тушса,
қўл билан терамиз баъзан,
Қайтадан экамиз
дўл урса паққос.
Талашиб, келишиб
табиат билан,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Баъзан янглишамиз,
биз ҳам инсонмиз,
Хато — тонналарни нобуд этади.
Мажлисдаги гаплар, мисоли бигиз,
Суяк-суяклардан ўтиб кетади.
Чидаймиз.
Отадан қолган мол эмас,
Ўз мулкимиз учун
барча эҳтирос.
Гап бор:
от тепкисин от кўтарар, бас,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Теримни айтмайман,
ортиқчадир гап,
Кузда келсанг, ўзинг кўрасан, укам.
Раислар уйига бормас ҳафталаб,
Йигирма тўрт соат
секретарга кам.
Терим ҳам машаққат,
ҳам қувонч,
ташвиш,
Пахта доим бирдек
очилмас қийғос.
Бари бир,
терим ҳам ўзимизнинг иш,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Ҳар бир машаққатнинг
роҳати ҳам бор,
Ҳар кўшиш бир қувонч
ҳадя этади.
Кўпкарида отни қамчилаб бир бор
«Ҳайт» десанг, ғуборинг чиқиб кетади.
Турмушимиз кўриб турибсан, мана,
Кетмас давлатимиз — феълимизга мос.
Бунга боис,
такрор айтаман яна:
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Ҳа, биз ишлаяпмиз,
чунки бу меҳнат
Ўзбек шуҳратига шуҳрат қўшади.
Юртнинг ғазнасига
бизнинг баракат
Жарақ-жарақ олтин бўлиб тушади.
Оламда борми ҳеч
бунақа фараҳ!
Лекин яшаяпмиз беайюҳаннос.
Ҳаёт — жаннат эмас,
иш — эмас дўзах,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.

Камимиз йўқ,
уйга келганда меҳмон,
Битта қўй сўйишга етар қурбимиз.
Фақат тилагимиз — эл бўлсин омон,
Омон бўлсин доим
ота юртимиз.
Сенга айтадиган гапим шу,
укам:
Жимжима гапни қўй,
тўғрисини ёз.
Токи кўрсин,
билсин,
англасин олам,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу — меҳнат, холос.
1975-1976


ОТА ТИЛАГИ

Таажжуб, дейман-у ёқа тутаман,
Мурғак бола эдим кеча-ку ўзим.
Бугун қарабсизки, мен ҳам отаман,
Менинг ҳам ўғлим бор — умид юлдузим.

Қалбим урмакда шу муштдек юракда,
Янгидан ўсмакда кичкина жисмим.
Демакки, ҳаётим давом этмакда,
Демакки, оламда қолмакда исмим.

Нима бор мен учун унингдек азиз? —
Арзир бир сўзига жон фидо этсам.
Жаҳонда нимаки бўлса энг лазиз,
Фақат унинг учун муҳайё этсам.

Кипригига зарра қўнмаса қайғу,
Бахти комил бўлса, толеи бекам.
Кўрса мен кўрмаган шодликларни у,
Етса мен етмаган ниятларга ҳам.

Аммо у бир умр бўлмай ошино
Тириклик деганнинг заҳмат, дардига,
Била олармикин надир бу дунё,
Ета олармикин ҳаёт қадрига?!

Ўғлим, эй, умидим боғида ниҳол,
Ёруғ пешонангни ўпиб силайман.
Шу азиз бошингга энг нурли хаёл,
Қалбингга энг тоза ҳислар тилайман.

Улғаярсан, йигит бўларсан бир кун,
Ортда қолар ёшлик, ўйин, эрмаклар.
Оламни елкада кўтармоқ учун
Дунёга келади, билсанг, эркаклар.

Эртанги кунингни ўйлаб шу пайтдан
Борлиқни қувончим билан ўрайман.
Сени менга берган бу табиатдан
Сенинг юрагингга олов сўрайман.

Майли, мушкул бўлсин сен танлаган йўл,
Толе ҳам, майлига, келмасин осон.
Фақат одам қадрин билар одам бўл,
Бўл инсон дардини билгувчи инсон!..
1976


ЗАНГОРИ ШУЪЛАЛАР

Сокин куз ойлари шаҳарда
Нақадар сўлимдир кечалар.
Қандайдир сеҳр бор қамарда,
Кўк билан сўзлашар кўчалар.

Мен ўша сеҳрни ҳис этиб,
Сукунат бағрида кезаман.
Юлдузлар эртагин эшитиб,
Ўзимни кўкларда сезаман.

Ҳаммаёқ осуда, осуда,
Кўчада кўринмас бир жонзот.
Гўёки одамлар уйқуда,
Гўёки борликда йўқ ҳаёт.

Ҳолбуки, кўчалар чароғон.
Ҳолбуки, дарчалар сочар нур.
Уйғокдир ҳар дил, ҳар хонадон,
Бедордир хаёлу тасаввур.

Оқадир одамлар кўзига
«Зангори экран»нинг шуъласи.
Барчани банд этмиш ўзига
Бўрининг қуённи қувлаши.

Кўчада сукунат, сукунат,
Уйларда ҳаяжон, ҳаяжон.
Ўн олти қисмли уқубат
Асабни арралар беомон.

Тугамас катталар бардоши,
Гўдаклар қарамас овқатга.
Ўқ тегиб йиқилар қўрбоши,
Штирлиц чап берар офатга.

Бир йигит ўзганинг бағридан
Қайтган ёр лабини сўради.
Ўтишиб қўғирчоқ баҳридан,
Бу ҳолни қизчалар кўради.

Ҳар кун шу,
Биз оқшом чўккандан
Бу жоду қошига чўкамиз.
Туйғулар оқади экрандан,
Куламиз, кўзёшлар тўкамиз.

Мен бугун дунёнинг юзига
Бир қараб қўймоқни истадим.
Ариқлар, гулларнинг ўзига
Термулиб тўймоқни истадим.

Елкамга юлдузлар ёғадир.
Борликда бир ажиб тароват.
Фалақдан кўксимга оқадир
Бир салқин, бир тотли ҳаловат.

Мен танҳо кезаман кўчада,
Сукунат ўзига чорлайди.
Борлиқ жим,
Ҳар битта дарчада
Зангори шуълалар порлайди.
1976


ИСТАК

Исми не ул қушниким,
на жисми бор, на жони бор,
Изла, топ, не боғким ул,
на ҳадди, на поёни бор.

Сой неким ул, бўлғай унда
на қарору, на канор,
Сув не ул, қонмоқнинг унга
на илож, имкони бор.

Тоғ надирким, чўққисини
ҳеч киши забт этмаган,
Тирмашиб ётқувчи элнинг
на саноқ, на сони бор.

Арғумоқ неким, унинг бор
на жилов, на жабдуғи,
Андалиб неким, унинг
ҳар дилда бир ошёни бор.

Комронлик унга етмак,
етмаган армон билан
Ким, мувашшах битди Эркин,
Кўнглида армони бор.
1976


ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ

Нотиқ деди:
«Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда».

«Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!»
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.

Ким дарғазаб,
Ким ҳайрон,
Чиқиб келдилар қатор:
Данте, Шиллер ва Байрон,
Фирдавсий, Бальзак, Тагор.

«Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди».
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».

— Ҳей, бу қандай ақида! —
Қўлида табаррук жом,
Гўзал форсий ҳақида
Рубоий айтди Хайём.

Эҳтиросли, оташдил
Беранже сўрди нолон:
— Наҳотки, фаранги тил
Йўқолгуси бир замон!

Неруда, Лорка турди
Сервантеснинг ёнига:
— Ким қасд этиб тиғ урди
Она тилим жонига!

Фузулий ёнди:
— Озар
Тили гулдек сўлмайди.
Барча деди баробар:
«Она тилимўлмайди».

Камалакдек ранго-ранг
Бўлсин деб санъат, тиллар,
Асрларча қилдик жанг,
Армон қилдик минг йиллар.

Беқадр бўлса, наҳот,
Тиллардаги тароват!
Йўқолди бу кун, ҳайҳот,
Қабрларда ҳаловат!

«Фауст» ёнди гуриллаб,
«Хамса» ўтга туташди.
Бир садо жаҳон бўйлаб
Таралди, тоғлар ошди.

Бу садо янграр ҳамон,
Сира адо бўлмайди.
Олам айтар:
Ҳеч қачон
Она тилим ўлмайди!
1976


ТИЛАК

Сахийликни одат қилган бўлса ким,
Элга сочган бўлса борини доим,
Ҳиммати бор бўла туриб, илоҳим,
Қўлидан давлати кетмасин унинг.

Ким умрида сира билмаган тиним,
Меҳнатсиз бир лаҳза туролмаган жим,
Ғайрати бор бўла туриб, илоҳим,
Белидан қуввати кетмасин унинг.

Бир ишга қасд қилиб шоир ё олим,
Хаёл суриб — кейин не бўлур ҳолим —
Қудрати бор бўла туриб, илоҳим,
Дилидан журъати кетмасин унинг.
1976


ТАНГРИ ВА ЯМОҚЧИ

Ямоқчи тангрига деркан тинмайин:
— Эй худо!
Менга ҳам бир қайрилиб боқ!
Чориғинг сўкилса, тикиб берайин,
Кавушинг тешилса,
Солайин ямоқ.

Тангри дебди бир кун:
— Ол боқий умр,
Фаришта бўлурсан!
— Эй, қўй, керакмас!
Умр берма менга, бер озроқ кўмир,
Устига бир четан
Янтоқ бўлса, бас.

Тангри дебди:
— Тун-кун саждалар қилиб
Шунгамиди чеккан нолаю оҳинг?
Нима қилар эдинг менга сиғиниб,
Асли
Аравакаш экан
Илоҳинг.
1976


ЁШ ШОИРЛАРГА

«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...»
Ҳамид ҒУЛОМ

Катта шоирларга қилмангиз ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.

Ҳали ёшсиз,
Ҳали шеърингиз ғўра,
Элнинг назаридан ҳали йироқсиз,
Лекин юртга машҳур шоирдан кўра,
Билингки, юз чандон сиз шоирроқсиз.

Шеър сизга ҳавасдир,
Ҳали эмас иш.
Сиз, шеърга сидқидил кўнгил берганлар.
Ов чоғи ўзини қилмай намойиш,
Панада бўлади доим мерганлар.

Танҳолик — шоирга дил эҳтиёжи,
Хаёлга ошнолик — буюк бахтингиз.
Қўнгач бошингизга шуҳрат гултожи,
Ташбеҳ изламоққа қолмас вақтингиз.

У пайт кўп бўлади ҳамдаму жўра,
Обрў, мартабада юксак бўласиз.
Сиз унда дафтару қаламдан кўра,
Мажлисларга кўпроқ керак бўласиз.

Қаерга бормангиз, ана шоир, деб
Эл кузатар ҳар бир қадамингизни,
Сиз инсон қалбини ўрганмоқ қолиб,
Ўргана бошлайди одамлар сизни.

Бир кун омадингиз келса не ажаб,
(Омад дегани ҳам бор-ку дунёда)
Донишманд одамлар айтар:
Бу не гап,
Наҳот, шундай одам юрса пиёда!

Амалдор бўласиз,
Курсингиз баланд,
Хизматингиз қилар машина ҳар кун.
Тонгда олиб кетиб мағзингиз билан,
Пўчоғингиз ташлаб кетар кечқурун.

Бир марта тушгансиз элнинг кўзига,
Энди кўздан нари кетмайсиз бир дам.
Фахрий аъзо қилар сизни ўзига
Каламуштутарлар жамияти ҳам.

Беором қушлардек сиз учиб-қўниб,
Ҳайъатдан ҳайъатга парвоз этасиз.
Тунлар шеър қаламин оҳиста йўниб,
Эртанги мажлисга доклад битасиз.

Сизда ҳар нарса бор,
Йўқ сизда йўғи,
Етгансиз, ҳар қалай, тилагингизга.
Лекин ёзилмаган шеърларнинг чўғи
Кул бўлиб тўкилар юрагингизга.

Бир кун тонгда
Оппоқ сочингиз тараб,
Дилингиз шогирдлик вақтин қўмсайди.
Айтасиз ҳаваскор ўсмирга қараб:
«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...»

Катта шоирларга сиз қилманг ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.
1977


БОНГ УРИНГ

Бонг уринг,
ҳаммани
уйғотинг,
Бонг уринг,
шаҳару
қишлоқда.
Ҳаяжон
кўтаринг,
тўп отинг,
Ўт кетди,
ҳаммаёқ
ёнмоқда,
Овозлар
борича
бақиринг,
Одамлар!
Ё ҳаёт,
ё мамот!
Сим қоқинг!
Ноль бирни
чақиринг:
Ёнғин, денг,
керак, денг,
тез нажот!
Дод солинг,
не кечар
ҳолимиз,
Аламдан
жонимиз
қийноқда.
Оламда
топилмас
молимиз —
Вақтимиз
ёнмоқда,
ёнмоқда.
Ўрмонлар
ёнса-ку
чопамиз,
Тинмаймиз,
ўртанса
хирмонлар.
Чорани
қаердан
топамиз
Умрга
ўт кетса,
инсонлар!
У ёнар,
биз мажлис
қиламиз,
Тамаки
тутуни
димоқда.
Шу тутун
ичида,
биламиз,
Бахтимиз
ёнмоқда,
ёнмоқда.
Бир ёнда
биз топиб
улгурмай
Минг-минглаб
саволга
жавоблар.
Ҳатто биз
варақлаб
ҳам кўрмай,
Жавонда
ёнмоқда
китоблар.
Кечаги
айшдан бош
зириллаб,
Ўринда
ётибмиз,
бир ёқда
Столнинг
устида,
гуриллаб,
Ижоду
кашфиёт
ёнмоқда.
Райгазда
эшикка
битилган:
«Бир учқун —
даҳшатнинг
сабаби!»
Шу ерда
портлашга
етилган,
Ёнмоқда
инсоннинг
асаби.
Кечалар,
кўчалар
чароғон,
Ёзувлар
электрон
чироқда.
Ўт билан
ўйнашманг,
ўт ёмон,
Аслида
бу дунё
ёнмоқда.
Биз эса
қилурмиз
томоша,
Ғов қўймай
ёнғиннинг
йўлига.
Ким бериб
қўйибди
бепарво
Гугуртни
болалар
қўлига.
Бонг уринг,
ҳаммани
чақиринг,
Бонг уринг,
шаҳару
қишлокда.
Овозлар
борича
бақиринг,
Ўт кетди,
ҳаммаёқ
ёнмоқда.
Одамлар,
уйқудан
уйғонинг,
Шошилинг,
қидиринг
тез нажот.
Жон куйсин,
қалб ёнсин,
сиз ёнинг,
То ёниб
кетмасин
бу ҳаёт.
1977


ЁЛҒИЗЛИК ИСТАГИ

«Мени ёлғиз қўйинг, дўстларим,
Чарчаганман, ором олайин.
Бугун менга керакмас ҳеч ким,
Ўзим билан ёлғиз қолайин.

Истамайман,
безовта қилманг,
Менсиз ўтсин бугунча гурунг.
Бир кунгина қошимга келманг,
Бир кунгина чақирмай туринг.

Толиққанман теккундек жонга
Улфат, тўю томошалардан.
Чарчаганман, мени меҳмонга
Чақиргувчи ошинолардан.

Керак эмас менга бу фараҳ,
Бу кун менга керакмас шароб.
Дўстлар аро кўтариб қадаҳ,
Шеър ўқиш ҳам мен учун азоб.

Қўйинг, бугун қолай гаштакдан,
Бўлолмасман сиз билан бирга.
Бари бир мен яйраб юрақдан,
Кулолмасман сиз билан бирга.

Бугун менга сукунат керак,
Сукунатки, йўклик қадар тинч.
Фақат жимлик тилайди юрак,
Сиздан бугун биргина ўтинч:

Ёлғиз қўйинг мени, дўстларим,
Чарчаганман, ором олайин.
Бугун менга керакмас ҳеч ким,
Ўзим билан ёлғиз қолайин».

Эй дўстларим, бир замон келиб,
Шундай сўзлар учса лабимдан,
Сиз ишонманг соддалик қилиб,
Чиққан бўлмас бу сўз қалбимдан.

Юр, денг мени ўшандай дамда,
Қулоқ солманг, сўзларим ёлғон.
Ёлворсам-да, фарёд қилсам-да,
Ёлғиз қўйманг мени ҳеч қачон.

Токи ҳеч вақт эшикка танҳо
Термулмасин маъюс кўзларим.
Майли, мени ўлдиринг, аммо
Ёлғиз қўйманг сира, дўстларим.
1977


ТОҒ ЛОЧИНИ

Тоғ лочини кўкда танҳо
Парвоз этарди,
Қанотлари оғушида
Беғубор осмон.
Ёлғизликда кунлар бир хил
Сокин ўтарди,
Тонг юлдузин кўриб қолди
Бир кун ногаҳон.

Зуҳро порлаб турар эди
Шундоқ ёнида,
Сор лочиннинг ўзи каби
Ўйчан ва якка.
Кўрди-ю бир сирли оташ
Чақнаб қонида
Етаман деб учиб кетди
Тиклаб фалакка.

Учиб кетди, пастда қолди
Ўрмонлар, тоғлар,
Йўлга ёйган пахталардек
Булутлар қолди,
Учаберди соат сайин
Ердан йироғлаб,
Мовийликка чўмиб олам
Кўздан йўқолди.

У билмасди, поёни йўқ
Бу тубсиз осмон,
Юлдузларга етмоқ учун
Умри етмагай.
Она лочин айтган эди
Унга бир замон:
Интил фақат, интилиш ҳеч
Зое кетмагай.

У қувонар: ҳаётимга
Ёр бўлди маъно,
Қанотимга қудрат кирди,
Нурланди кўзим.
Қайда эдинг мени қўйиб
Фалақда танҳо,
Қайда эдинг шу пайтгача,
Менинг юлдузим.

Учаберди, учаберди,
Толди қаноти,
Зуҳро ҳамон қаршисида
Турарди порлаб.
Кучи битди, тамом бўлди
Охир саботи,
Қурқураган овоз билан
Йирлади зорлаб.

Кўкни тутиб фарёд чикди
Ошиқ юракдан,
Самоларда сўнг бор ёйиб
Улкан қулочин,
Оҳ деди-ю, қулаб тушди
Тоқи фалақдан,
Парчаланди тик чўққига
Урилиб лочин.

Шундан буён тонг юлдузи
Ғамгин ва ёлғиз,
Шундан буён тоғ ортидан
Кўтарганда бош,
Чўққи узра тўхтамрқни
Тарк этмас ҳаргиз,
Кўзларида қалқиб турар
Доим томчи ёш.
1977


ТЕМИРТАН ДАҲОЛАР

Академик Восил ҚОБУЛОВга

Бу - кибернетика институти,
Сеҳру мўъжизалар мамлакатидир.
Музаффар, баркамол тафаккур юрти,
Темиртан даҳолар салтанатидир.

Бу ерда фикрлаш тезлиги нурдай,
Мана бу — кўримсиз пўлат жомадон —
Биз бирни иккига қўшиб улгурмай,
Миллиардни миллиардга зарб қилур осон.

Фикрат қутисида коинот сири,
Буржлар нурланади темир даҳодан.
Ер қаърига шуъла юборса бири,
Тўлқинлар тутади бири фазодан.

Мана бу чамбарак «Каисса-9»
«ЧС-7» билан шахмат суради.
Манов сандиқ эса уч кундан буён
Бўлажак шаҳарга режа қуради.

Бу — рассом, ўйнатиб нейлон кўзларин,
Суратлар чизади, рангин, жимжима.
Бу ғўла — таржимон, чулчут сўзларин
Қайта чулчутчага қилар таржима.

Темиртан даҳолар ишлар шу йўсин,
Шовқин йўқ, жанжал йўқ — тўлқин — ишора.
Улкан темир тахта — шифт бўйи устун
Улар меҳнатини қилар идора.

Бу юртда режа бор, иш бор, ғайрат бор,
Темирлар ҳордиқ кун қилмаслар талаб.
Душанба бошлари оғримас наҳор,
Кечикиб келмаслар ишга эрталаб.

Бунда тама қилмас ҳеч кимдўстидан,
Бу юртда бўлмайди фитна, ғийбатлар.
Ҳеч қачон «К-14» «Д-5» устидан
«Б-3»га ёзмайди юмалоқ хатлар.

Темирлар юртида мажлисбозлик йўқ,
Соатлаб маъруза айтмайди ҳеч ким.
Асаблар торини узмас таҳқир — ўқ,
Ҳеч кимса йиқилмас кўксин ушлаб жим.

Ҳар кимўз қудратин одил баҳолар,
Касбдоши йўлига қўймайди тузоқ.
Чунки улар фақат — темир даҳолар,
Инсоний даҳодан ҳали кўп узоқ.

Не ажаб, улар ҳам ўрганса бир кун,
Ким билсин, олимлар балки туймишлар.
Одамзод нафаси тегмасин учун
Уларни шишага солиб, қўймишлар.

Темирларга ётдир ўкинч ва кўз ёш,
Дунё можароси уларга абас.
Бизнинг низоларга бермаслар бардош,
Чунки улар — темир, одамлар эмас.
1977


ЗАМИН САЙЁРАСИ

— Эй замин!
Битмайин не ишинг қолган?
Бетиним айланиб жонинг ҳалакдир.
— Сўрма,
Мен шўрликни шу куйга солган —
Тириклик ишидир,
Чархи фалакдир.
Мен на қуёшдирман,
На олтин қозиқ,
Ўлтирсам фалакнинг кошонасида.
Пешонамга азал шу экан ёзиқ,
Дастёрман самоват корхонасида.
Бошлиғим офтобдир,
Парвона бўлиб
Йил бўйи айланмоқ турмушим эрур.
Бу ҳам етмагандай,
Кунда ўгрилиб
Боримни кўрсатиб турмоғим зарур.
Кўк тўла сайёра,
Бу паст, у баланд,
Узоқ-яқин юлдуз ундан ҳам бисёр.
Муроса қиламан ҳар бири билан,
Барининг кўнглини топмоғим душвор.
Мана, мисол — Баҳром,
Яъни, қаттол Марс,
Кўзларида ёнар жангари чақин.
Биламан,
Ундан ҳеч яхшилик чиқмас,
Аммо қўрққанимдан юраман яқин.
Тижорат элига —
Аторид посбон,
Хабардор бўлурман ундан ҳам сергак.
Яшириб не қилдим,
Ўзингга аён,
Савдо аҳлидан ҳам ошналар керак.
Зуҳални зиёрат қилурман ҳар кун, —
Ҳосил сайёраси — дўст бўлмай нега?
У менга керакдир
Тириклик учун,
Тўрт миллиард болам бор,
Осонмас менга.
Чақмоқ қиличини доим ўқталиб,
Гулдираб турса ҳам
Муштарий бадкор,
Баҳорда фойдаси тегиб қолар деб,
Кузда салом бериб қўяман бир бор.
Юрак ўйноғидан
Хастаман, дўстим,
Кўксиму елкамга қўйганман музлар.
Яна мен шўрликка ўқталар муштин
Узоқ-яқиндаги думлик юлдузлар.
Ҳаётим шу —
Чопмоқ
Тинмай бир нафас,
Ҳалқа ичидаги олмахон мисол.
Йил эмас,
Асрмас,
Минг йил ҳам эмас,
Мангулик нимадир —
қилмайсан хаёл!
Сен эсанг беш кунлик
Қисқа умрингда
Чеккан заҳматингга қиласан фиғон.
Менинг турмушимни ўйлаб кўргин-да,
Шукур қил,
Боқиймас умринг, эй инсон.
1977


«ОҚСОҚОЛ»

Уни ҳамма бирдек
Дерди «оқсоқол»,
Гарчи соч-соқоли оқ эмас эди,
Илму донишда ҳам тоқ эмас эди,
Бироқ ҳамма бирдек
дерди «оқсоқол».

Чоғроқ бўйли эди
«Оқсоқол» ўзи,
Қаддида салобат бор эди лекин.
Ёниб турар эди кўкимтир кўзи,
Сокин гапирарди,
Юрарди секин.

Уни ҳурмат қилар эди одамлар,
(Агар ҳурмат бўлса қўрқувнинг оти),
Ундан нажот тилар эди одамлар,
Элга керак эди унинг «нажоти».

Чунки «оқсоқол»да ноёб фазилат —
Қаҳр, бешафқатлик, зуғум бор эди.
У пайт зарур эди балки бу хислат,
Эл қаттиққўлликка балки зор эди.

Урушнинг охирги йилин эслайман,
Биз саҳардан нонга навбат олардик.
Бола эдик,
Уйқу элитиб баъзан,
Деворга суяниб ухлаб қолардик.

Дўкон очилганда
Жон кириб бизга,
Елкалардан ошиб интилар эдик.
Навбат узун эди, бўйимиз қисқа,
Нон кам,
Халойиқ кўп,
Не қилар эдик?

Шунда етиб келар эди «оқсоқол»,
Қўлида ўйнатиб тол хивичини.
Тартибга келарди одамлар дарҳол,
Ўшанда билганман
Қўрқув кучини.

Болалар, катталар жим, итоаткор,
Бир сафга тизилиб турар эди тек.
«Оқсоқол» тартибни кўрарди бир бор,
Айланарди парад қабул қилгандек.

Сўнгра,
Қўлларини тиқиб камарга,
Қора оломондан қилгандек ҳазар,
Тепаликда туриб пастдагиларга
Ғазаб, нафрат билан ташларди назар.

У хипчини билан
Қилса ишора,
Навбат билан ҳар ким олади ҳақин.
Сафдан чиқса борми бирор бечора,
Беизн дўконга келсами яқин,
Оч қолиши тайин эди ўша кун,
«Оқсоқол» аёвсиз эди шу қадар.

Мен ҳайрон бўлардим,
Ажаб, не учун
Шу мушук кўзликка тобе одамлар?
Ахир уларники дўкондаги нон,
Тартиб билан бориб олсалар нетар?
«Оқсоқол»га эмас,
Босабру имон
Қалбларига қулоқ солсалар нетар?

У замон очлигу муҳтожлик дарди
Қилиб қўйган эди қоматларни дол.
Балки шунинг учун улар чидарди,
Балки зарур эди у пайт «оқсоқол».

Мана йиллар ўтди,
«Оқсоқол» бугун
Аввалги иззату мавқеда эмас.
Қариб соч-соқоли оқарган бутун,
Лекин бугун ҳеч ким «оқсоқол» демас.

У баъзан кечқурун,
Баъзан эрталаб
Нон дўкон ёнида ўлтирар узоқ.
Ўтган-кетганларнинг ортидан қараб,
Кўкимтир кўзлари мўлтирар узоқ.

Бу нигоҳ маъноси
Элга ноаён,
Балки шукронадир, поқдир тилаги.
Балки
Хотирига келар у замон,
Ўша тол хивични қўмсар юраги.

Кўзига кўринар
Балки шу тобда
Навбат кутиб турган ожиз бандалар.
У мудраб ўлтирар,
Янграр атрофда
Шодон қўшиқлару
қувноқ хандалар.
1977


АРМОН

Кеча керак бўлдинг,
Болалик чоғим!
Сенга қўл узатдим,
Йўқ,
Етолмадим.
Ошкора ғирромлик қилди
Ўртоғим, —
Мен: бор, ўйнамайман,
Деб кетолмадим...
1977


ИХЛОС

На мартаба, на бойлиги бор эди унинг,
Йироқ эди маишату аёл дунёси.
Кўчасига кирмаганди ўйин-кулгунинг,
Жиндек жони бор эди-ю, катта ихлоси.

Ихлос эди унга олам, унга саодат,
Ғазналарга бериб бўлмас мулки бебаҳо.
Ул йигитни тақдир азал, қодир табиат
Оҳангларнинг дунёсига қилганди ошно.

Саҳар чоғи шабнамлардан тинглар эди куй,
Шафақлардан юрагига оқарди қўшиқ.
Вужудида туман чолғу қилар эди тўй,
Миллион-миллион таронага борлиғи тўлиқ.

Жунун тўла кўзларида ёнарди ҳар вақт
Бизга — оддий бандаларга ноаён шуур..
Бу оламнинг эвазига қодир табиат
Берган эди юрагига оламча сурур.

У бастакор эмас, фақат ихлосманд эди,
Бир оҳанглар пири эди йигитга ҳам пир.
Ихлос билан кўкси доим сарбаланд эди,
Ғойибона меҳри унга энг аъло тақдир.

Ўшал устоз фикри билан нафас оларди,
Ўшал пирга бахш этганди тамоман ўзин.
Қўшиқларин тинглаб тунда ухлаб қоларди,
Қўшиқларин тинглаб тонгда очарди кўзин.

Кунлар ўтиб, йигитчага тор келди қишлоқ,
Елкасига тўнни ташлаб чиқди сафарга.
Қанот бўлди пок нияту эзгу иштиёқ,
Маъсумликнинг фариштаси учди шаҳарга.

Шаҳар уни гуллар тутиб қабул қилмади,
Ҳатто кутиб олмади энг улуғ бастакор.
Аммо йигит камтар эди, хафа бўлмади,
Ўзи улуғ пир олдида йўл олди наҳор.

Аммо сокин ухлар эди бу маҳал устоз,
Куни билан мажлисларда тўкилган жисми.
Мухлисига қучоқ очиб чиқмади пешвоз,
Сўрамади, қаердан у, киму, не исми.

Кечроқ келинг, деди фақат, ёпди эшикни,
Сўнг не деди — бўлмай қолди йигитча огоҳ.
У кўрмоқчи бўлган эди тирик Қўшиқни...
Буюк тангри қулаб тушди аршидан ногоҳ.

Бир дақиқа тош ҳайкалга айланди мухлис,
Наҳотки, шул мусиқанинг пири сарвари.
Наҳот, унга жондан ортиқ, умридан азиз
Тароналар шул юракнинг бўлса самари.

Наҳот, улар тонготарнинг меваси эмас,
Наҳот, бедор эмас субҳи сабоҳ бастакор.
Унга буюк орзу эди, умрлик ҳавас,
Қўшиқ бўлиб кирмоқ устоз қошига наҳор.

Йигит қайтди орзулари ёшдек тўкилиб,
Барбод бўлди қалбидаги буюк эҳтирос.
Тасодифий бир ҳолатнинг қурбони бўлиб
Сўнди у кун пок юракда буюк бир ихлос.

Сўйла, нега бундай қилдинг, шафқатсиз фалак,
Нега қилдинг ўшал мудҳиш ҳолатни пайдо?
Нега ерда учрашдилар бу икки малак,
Нега суҳбат қурмадилар фазолар аро?

Ёруғ юлдуз кўкка чиқмай йўқолди беиз,
Улкан даҳо завол топди бўлмай намоён.
Бир қотиллик содир бўлди тонгда мислсиз,
Танҳо буюк бастакордан айрилди жаҳон.

На мартаба, на бойлиги бор эди унинг...
1977


МАҚБАРАДАГИ ЁЗУВЛАР

I

У, дунёга келиб, ташвишнинг
Орқасидан елиб-югурди.
На сўнгига етолди ишнинг,
На дунёни англаб улгурди.
Охир бир кун,
Ақли тўлгач, у
Ўз жонининг қадрига етди.
Бор-эй, дея қўл силтадию
Бу дунёни ташлади-кетди.

II

У, оромни суяман, дерди,
Тинчим бузган — душман, дерди у.
Ўнгга боқиб: туяман, дерди,
Чапга боқиб: қушман, дерди у.
У оламдан ўтмади яшаб,
Ошаб ўтди фақат ошини.
У ўлмади,
Қавмига ўхшаб
Қумга тиқиб ётар бошини.
1977


ТААЖЖУБ

Болалар онасининг
ухлатишидан чўчиб,
Кечқурун уйга келмай
қочиб юргани каби,
Эрталаб туролмасдан
ширин уйқудан кечиб,
Кўрпасини бошига
тортиб тургани каби,
Ёзнинг иссиқ кунида
анҳор бўйида туриб,
Тушолмаган каби биз
муздек сувга дафъатан,
Сўнг эса оромижон
сувнинг роҳатин кўриб,
Қайтиб чиқишни сира
истамагандек бадан,
Одамзод ҳам йўқликдан
борлиққа келиш чоғи
Чинқириб бу дунёни
кўтаради бошига.
Лекин даҳшат туюлар
ўз аслига қайтмоғи,
Фарёд чекар оламни
кўмгудек кўз ёшига.
1977


ОТДОШЛАРИМГА

Исмларнинг тарихи узоқ,
Исмларда асрлик қисмат.
Улар бари орзудек порлоқ,
Покизадир бамисли ният.

Фарзанд асли умр давоми,
Тирикликка эгизак армон.
Армон билан болалар номи
Нурхон бўлди, бўлди Шодмон.

Ўғлон кўриб қилдилар тилак,
Омон бўлсин офатдан бу бош,
Балоларни ёғдирса фалак,
Исми каби бўлсин Темир, Тош.

Чақалоқни йўргакка тугиб,
«Яна ҳолва», деганда доя,
Ота, энди ўғил керак, деб
Қизига ном қўйди: Кифоя.

Ўғил бўлса — юрт кўкси баланд,
Ўғил тутар кетмону ўқ-ёй...
Ўғил бола орзуси билан
Қизлар номи бўлди Ўғилой.

Она фарзанд кўриб тўртовлон,
Қаро ерга берса тўрттасин,
Туғилганда бешинчи ўғлон
Умид билан деган «Тўхтасин».

Бўлиб тақдир қаҳридан малул,
Чекиб фалак жабридан озор,
Фарзандларга ном қўйдилар, қул —
Абдуқаҳҳор ва Абдужаббор.

Зора толе белгиси бўлса,
Зора бўлса омад ривожи,
Бола қизил доғлик туғилса,
Атадилар бахт учун Тожи.

Неча юз минг авлоддан қолган
Армонли бу дунёда яшар —
Фарзандларга ҳақ Тилаб олган
Умрбоқий, Умрузоқ башар.

Бу кун янги олам баробар
Номларда ҳам янгича маъно.
Тўрт йигитнинг бириси Анвар,
Бешта қизнинг бириси Раъно.

Боқиб Эркин номли ўғлонга
Кўкка етар севинчдан бошим.
Қадам қўйсам қай хонадонга
Рўпарамдан чиқар отдошим.

Отдошларим,
Толеимизга
Шундай исм бахту кўркимиз,
Эгиз бўлди, эш бўлди бизга,
Ҳам эътиқод бўлди эркимиз.

Ном қўйдилар бизга оталар
Эркин кўрмоқ бўлиб дунёни.
Мангу Эркин бўлсин дедилар
Фарзандларнинг юраги, жони.

Эркин бўлсин ҳаёт ва меҳнат,
Эркин бўлсин муҳаббат, ижод.
Яйраб ўссин фарзандим,
Фақат —
Эл ғамидан бўлмасин озод.

Қалби кураш шавқига тўлсин,
Ошно бўлсин унга туғёнлар.
Эрк йўлида фидойи бўлсин
Эркин номин олган ўғлонлар...
1977


ҚАЛАМҲАҚИ ВА ОЙЛИК

— Шоир, нега кўнмасдан
Шеърдан келган бойликка,
Эртаю кеч тинмасдан
Ишлаяпсан ойликка?

— Чунки ойлик ҳамхона
Ёрдек содиқ ошнодир.
Қаламҳақи — жонона
Қизлардек бевафодир.
1977


УЧ БАЙТ

* * *

Агар дўстинг билан
тенг кўрсанг баҳам,
Шодлик тенг кўпаяр,
тенг бўлинар ғам.

* * *

Сўзлаганда оқил
дилингга жо қил,
Аммо ўз дардингга
ўзинг даво қил.

* * *

Қўрқувнинг кўзи катта,
Юраги кичик бўлур,
Қўрқув зўр келган юртда
Арслонлар кучук бўлур.
1977


БОЛАЛАР

Сизлар — ота,
Биз — бола бу кун,
Биздан — салом, сизлардан — алик.
Аммо эриш туюлар нечун
Энди сизга бизнинг болалик!
Сиз ҳам, ахир, бола бўлгансиз,
Кўзингизда порлаган ҳайрат.
Ўйнагансиз, шўхлик қилгансиз,
Қалбингизни қийнаган ғайрат.
Айтинг,
Ё сиз гоҳи-гоҳида
Қоидани бузмаганмисиз?
Тирмашиб ё ўрик шохига,
Кўк ғўралар узмаганмисиз?
Ўзбошимча номини олиб,
Чўмилмаганмисиз анҳорда?
Ялангоёқ, тўғри йўл қолиб,
Юрмаганмисиз ҳеч деворда?
Сизлар — ота,
Биз — бола бу кун,
Сиздан ҳай-ҳай, биздан — тўполон.
Нега сизга ҳар нарса мумкин,
Нега бизга ҳар иш катағон?
Чиқирлайди деворда соат,
Секундларни қилади ҳисоб.
Сизга унинг борлиги — роҳат,
Бизга унинг сирлиги — азоб.
Магнитофон сизларга — керак,
Қўндирмоқни истамайсиз гард.
Бизлар уни очиб кўрмасак,
Дилимиздан тарқамайди дард.
Тошойнага коптокни урса,
Синарми ё синмасми — қизиқ.
Ошпичоқни тупроққа суқса,
Унарми ё унмасми — қизиқ.
Бизлар бу кун кони хатонинг,
Не иш қилсак, бари зиёндир.
Хатоларсиз лекин дунёнинг
Бутунлиги ўзи гумондир.
Сизлар — ота,
Биз — бола бу кун,
Биздан — салом, сизлардан — алик,
Бизни ҳадеб тергайсиз нечун,
Ўзингизда йўқми болалик?
Ишонасиз гоҳи эртакка:
Бир марта тан бериб қўйинглар, —
Ўхшаб кетар бизнинг эрмакка
Сиз ўйнаган баъзи ўйинлар...
Биз гоҳида шоколад учун
Яширмаймиз, бўламиз айёр.
Ахир, сиз ҳам шон-шуҳрат учун
Нималарга бўлмайсиз тайёр?
Бизлар данак талашсак боғда
Хипчин олиб қувасиз бизни.
Сизлар амал талашган чоғда
Ким турғизар бурчакка сизни?
Сизлар — ота,
Бизлар — боламиз,
Ўзгаришда дейдилар олам.
Бир кун сизга етиб оламиз,
Болаликка қайтасиз сиз ҳам.
Ошно бўлар сизга хаёлот,
Бизга эса...
Биз — оилалик....
Болалик — бу асли камолот,
Камоли умр эса — болалик.
1977


АРУЗ ВА БАРМОҚ

Икки шеър
Дафтарнинг икки бетида,
Бир ёнда — арузий,
Бир ёнда — бармоқ.
Дастхат бир,
Имзо бир шеърлар кетида,
Лек, ажаб,
Ҳамиша қилурлар нифоқ.
Арузий бармоқни
Тўпори, дейди,
Сен пастсан, мен сендан —
Юқори дейди.
Бармоқ уни кўҳна —
Харобасан, дер,
Парвозлар асрида
Аробасан дер.
Мен эсам
Ўтмишу келажак аро
Ўрта йўлда қолган бечорадирман.
Улар юрагимда
Қилса можаро,
Келиштирмоқ билан оворадирман.
1977


ТАНДИР ХАҚИДА ЭРТАК

Мўъжаз ҳовли,
Пастгина девол,
Пастаккина тандири билан:
Яшар эди кичкина бир чол
Кичкина бир кампири билан.
Яшардилар камтар ва ҳалол,
Осойишта тақдири билан.
Пичоқ чархлар эрмак учун чол,
Кампири банд хамири билан.
Нафақа бор,
Чол-кампир мамнун,
Дарахт ҳам бор — бир туп олуча.
Лекин шу тор ҳовлидан бир кун
Ўтар бўлди каттакон кўча.
Улар бу гап тарқаган кундан
Мунғайишиб сўлиб қолдилар.
Бамисоли ини бузилган
Мусичадек бўлиб қолдилар.
Ўз бошидан кечирган билар,
Ўйлаб кўринг, осонмас, ахир,
Шу ҳовлида турган эдилар
Нақ олтмиш йил чол билан кампир.
Улар бунда кўрди гўшанга,
Икки ўғил боқдилар ўктам.
Кузатдилар икковин жангга,
Қайтгани йўқ аммо бири ҳам.
Мана,
Уй ҳам бузилар энди,
Тан бердилар яна тақдирга.
Фақат улар ўрганган эди
Парча ерга, пастак тандирга.
Бошқармага қатнамади чол,
Райсоветга юрмади кампир.
Пешонада борини алҳол
Юрт қатори кўрармиз, ахир.
Не қилардик,
Кўпга келган тўй,
Нолиш бизга ярашиқ ишмас,
Тегар ахир бизга ҳам бир уй,
Кўча-кўйга ҳайдаб қўйишмас.
Шундай бўлди,
Бердилар уй ҳам,
Кўчирдилар кўрсатиб ҳурмат.
Бирам ёруғ,
Озода, шинам,
Ҳаммадан ҳам... биринчи қават!
Кампир чолни чимчилаб кулса,
Хуш келади чолга қилиғи.
Бир жумракдан совуқ сув келса,
Бир жўмракдан келар илиғи.
Оппоқ ванна,
Газхона... роҳат,
Ҳатто пўчоқ ташлашга пақир...
Ҳамма нарса жойида,
Фақат...
Фақат бунда йўқ экан тандир.
Бусиз улар бир кун туролмас,
Татимайди берса жаҳонни,
Чол қурмағур орзига олмас
Газ ўчокда пиширган нонни.
Бошқармага арзга борди чол,
Райсоветга қатнади кампир.
«Қандай кечар тандирсиз аҳвол,
Уй керакмас бизга бетандир».
Бошқармада елка қисдилар,
Райсоветда бўлдилар ҳайрон.
Жилконторда шартта кесдилар:
«Йўқ, бўлмайди тандирга имкон».
«Ҳеч бир ерга қўндириб бўлмас
Гап шу, — деди ЖЭКнинг раҳбари. —
Ҳамма рухсат берса ҳам, кўнмас
Ўт учириш ташкилотлари.
Бошда ҳеч ким қилмаган хаёл,
Проектга қўшмаган, ахир...»
Сабабларни тушунмади чол,
Далилларга кўнмади кампир.
Икковин ҳам тегди тишига
«Аммо», «Лекин», «Ҳа», «Албатта»лар.
Хуллас калом, тандир ишига
Аралашди охир катталар.
Бошқармада дедилар мумкин,
ЖЭКдагилар топдилар тадбир.
Баланд уйнинг ёнида бир кун
Чол-кампирга қурдилар тандир.
Қўшнилар ҳам қараб турмади,
Ким ришт терган,
Кимдир қорган лой...
Тушмади ҳам ЖЭКнинг ҳурмати,
Топилди ҳам тандирга мос жой.
Тандир битди
Ва ўша-ўша
Тонг ёришар чоғида ҳар кун
Осмон бўйи томлардан оша
Кўкка ўрлар ингичка тутун.
Ўша-ўша, бизга бешикдан
Таниш хуш бўй таралар ҳар ён.
Тонгда ҳар бир очиқ эшикдан
Ризкдек кирар бир жуфт иссиқ нон.
Шундай яшар —
Сокин, безавол
Пастаккина тандири билан
Катта уйда кичкина бир чол
Кичкина бир кампири билан.
1977


КУЗАТИШ

Шеърларим, болажонларим,
Қора-қура полапонларим,
Жо қилайин сизни жонимга,
Чуғурлашиб келинг ёнимга.
Эгнингизга қарайин бу кун,
Сизни ювиб-тарайин бу кун.
Отлантирай олис сафарга,
Олисдаги ойдин шаҳарга.
Етар энди таралла этмоқ,
Етар энди кўча чангитмоқ.
Қилинг энди фикрингизни жам,
Фурсат етди қуюлмоққа ҳам.
Эртангизни ўйлайин энди,
Таҳсил учун йўллайин энди.
Сизга бериб тарбия, таълим,
Тил ўргатсин доно муаллим.
Шеърларим, полапонларим,
Чағир-чуғур қақажонларим,
Уст-бошингиз тузатарканман,
Олис юртга кузатарканман,
Сизга боққан ёшли кўзим бор,
Йўл олдидан айтар сўзим бор:
Сизга бердим умримни барча,
Ҳар бирингиз дилимдан парча.
Ардоқладим ҳар бирингизни
Меҳрим бериб ўстирдим сизни.
Гоҳ эркалаб, гоҳ қийнаб, лекин
Турғизолдим оёққа секин.
Сал тўпори, бир оз бебошроқ,
Лек ўсдингиз ёлғондан йироқ.
Кўмганим йўқ сизни зийнатга,
Ошно қилдим самимиятга.
Ёқавайрон, бетарош, пахмоқ,
Лекин бўлди юрагингиз оқ.
Ўргатолдим озроқ илмга,
Тил ўргатдим — она тилимга.
Сизга халқим урфу одатин
Таништирдим, сингдирдим кам-кам —
Токи қилинг элнинг хизматин
Тўйларда ҳам, таъзияда ҳам.
Очиқ кўнгил ва дилбар бўлинг,
Шоҳ, гадога баробар бўлинг,
Бошингизга келса ҳам қилич,
Қайтманг, дедим, ҳақиқатдан ҳеч.
Шеърларим, болажонларим,
Сержанжал, сертўполонларим,
Сизни йўллаб ҳаёт йўлига,
Қардошимнинг берай қўлига.
Ул қардошнинг исми таржимон.
Унга аён ошкору ниҳон.
Фикри эпчил, чаққон қўллари,
Сизни бошлаб кенгликлар сари
Ўз тилида сўзлатур бийрон.
Бугун сизга яна бир қараб,
Ўсиқ пахмоқ сочингиз тараб,
Юрак тўла ҳаяжонларим,
Хайр дейман, жонажонларим.
Омон бориб, қайтинг саломат,
Лекин дўстим олдида фақат
Уялтирманг, болажонларим!
Тийрак бўлинг, озода бўлинг,
Камтар бўлинг ва содда бўлинг.
Бўлсангиз ҳам оташ ва олов,
Бўлманг ортиқ саркаш ва асов.
Қийнамангиз уни мендайин,
Қочиб юрманг тутқич бермайин.
Сиз дўстимга қулоқ солингиз.
Тил ўрганиб, таълим олингиз.
Не истаса йўқ деманг асло,
Фақат ўзни унутманг аммо,
Менинг шеърим бўлиб қолингиз.
Ўзга руҳга берилиб кетманг,
Масков бориб керилиб кетманг.
Ёдингизда бўлсин бул замин,
Кезиб ўзга сўзлар оламин,
Чиқиб ўткир, доно қаламдан,
Қарамангиз ерга баланддан.
Сиз, таржимон,
Эй муҳтарамзот!
Шеърларимга бергувчи қанот!
Бир-бир йўниб тарашлагувчи,
Оламсари йўл бошлагувчи,
Бахш этгувчи янги бир ҳаёт!
Мана сизга, полапонларим,
Ҳар бири нақ бир жаҳонларим,
Танлаб олинг — кераги сизга,
Қай бирини чертиб олсангиз, —
Эти сизга, суяги бизга.
Илтимосим, уларга фақат
Бўлмагайсиз ортиқ бешафқат.
Соддалигин айб этиб кулманг,
Кўп ичида хижолат қилманг.
Тўғрилангу юриш-туришин,
Ўзгартирманг туриш-турмушин.
Ўз феълига хослиги қолсин,
Ўз элига мослиги қолсин.
Тўғри сўзлик дарсин ўтган дам
Унутмасин қочиримни ҳам.
Мағрур қилган чорида хитоб,
Йўқолмасин шарқона одоб.
Бўлсин демам тўнли, яктакли,
Бўлсин демам, дўппи, телпакли,
Бу кун ўзга вақт, ўзга одат,
Замонавий кийдиринг, фақат —
Фақат бўлсин ўзбек юракли.
Шеърларим, болажонларим,
Қора-қура полапонларим,
Йўлларингиз бўлсин чароғон,
Хайр энди, соғ бўлинг, омон!
1977


«САДОҚАТ»

Хотин дер: Қўрқаман, бир замон эрим
Деган: — Эгри юрсанг жонинг оламан.
Ўттиз йил яшадик ўшандан бери,
Ҳар кун бир ўлимдан омон қоламан.
1977


СОДДАЛИК

Йигит айтар: Жонон, севар ёрим бўл,
Ардоқлаб бошимда олиб юраман.
Жонон айтар, дуруст, гапингиз маъқул,
Эримдан маслаҳат сўраб кўраман.
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:31:09 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #3 : 27 Fevral 2010, 15:12:53 »
- ШАРҚИЙ ҚИРҒОҚ -

Шоир! Эй, тинчимас оловли юрак!
Адолат юлдузи сенга маёқдир.
Ҳақ йўлда фидойи аскарсан, демак,
Сенинг қароргоҳинг — шарқий қирғоқдир.


Канада туркумидан

КАЛГАРИДА СОАТ ЎН ИККИ

— Калгари — ковбойлар ватани,
Ковбой — чўпон,
Менинг отимЖан,
Автобусга марҳамат, қани,
Қолган гапни йўлда айтаман. —
Ел нам ажриқ ҳидин уфурар,
Қамаштирар кўзни оппоқ тош.
Мовий кўкда
Чарақлаб турар
Биз бир ҳафта соғинган қуёш.
Бетон йўлдан учамиз елдек,
Тинглаб жазнинг шўх-шаддод куйин.
— Мана, дўстлар,
Шаҳарга келдик.
Соатларни тўғрилаб қўйинг,
Калгарида ҳозир ўн икки.
Ҳамма соат милин суради.
Ўзгармасдан
Фақат меники,
Тошкент вақти билан юради.
Тоғ ошганда,
Уммон ошганда
Гоҳ соатга қараб қўяман,
Тонготар пайт бўлса Тошкентда,
Дилда саҳар завқин туяман.
Калгарида
Ўн икки ҳозир,
Садоқатли соатим менинг —
Минтақалар ошарак охир,
Тошкент, етди вақтингга сенинг.
Она шаҳрим —
Сенда ярим тун.
Фарқ бу юртдан ўн икки соат.
Эл уйқуда,
Шеър аҳли учун
Айни меҳнат
Бошланган фурсат.
Калгарида эса туш пайти,
Чарақлайди тиккада офтоб.
«Бозургоний» қўшиғин айтиб
Кенг даладан борамиз шитоб.
Ажаб,
Ковбойлар маконида
Ковбойлардек қадам ташлайман.
Ер шарининг терс томонида
Тошкент вақти билан яшайман.
1977


АУКЦИОН

— Кеп қолинг, ютади иш билган! —
Биржада қайнайди эҳтирос.
Улгуржи савдога қўйилган
Иккита ғунажин, бир новвос
Чарх уриб айланар
Майдонда,
Шарақлар ковбойнинг қамчиси.
— Кеп қолинг! Олмаган армонда, —
Чақирар бозорнинг жарчиси.
Бизнесмен лабида сигара,
Қўлида титрайди чек қоғоз.
— Кеп қолинг, опқолинг, мол сара! —
Биржада қайнайди эҳтирос!
Ёнади харидор кўзлари,
Ғанимат ҳар лаҳза, ҳар бир он.
Қулоқда жарчининг сўзлари,
Юракда ҳаяжон, ҳаяжон!
Ловуллар электрон чироқлар.
Аукцион турфа бир жаҳондир.
Савдога қўйилган бузоқлар
Бу жаҳон ишига ҳайрондир.
1977


АРСЛОН ЎРГАТУВЧИ

Ванкувер томошагоҳида

Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб,
Арслон узра —
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар,
Наърасидан
Томошагоҳ ларзага келар:
— Ожиз одам!!
Бас, бошимда қамчи ўйнатма!
Кўксимдаги
Ухлаб ётган ҳисни қўзғатма!
Ҳаддан ошма!
Ўз бошингга ўзинг етарсан,
Этларингни
Нимта-нимта қилсам, нетарсан!
Кўриб қўй,
Бу панжаларни сийнангга солсам,
Шуҳратпараст юрагингни
Суғуриб олсам,
Йилтираган баданингдан
Тирқиратсам қон,
Нажот бермас —
Сенга қарсак чалган оломон.
Бор!
Оловдан сакрамасман!
Бўлма овора!
Биласанми —
Мен кимману сен ким, бечора!
Мен — тўқайлар шоҳи,
Тутқун бўлсам-да агар,
Сен-чи, — нўноқ масхарабоз,
Пасткаш бозингар!
Шуҳратга маст,
Ўз ҳолини билмаган басир!
Номард тақдир
Мени қилди қўлингга асир!
Ҳалол кучга завол берган,
Ҳийлага қудрат, —
Мени банди қафас этган
Дунёга лаънат!
Эй, ивишиқ кўкрагини
Завқ билан кериб,
Шер зотини масхарабоз
Қўлига бериб,
Мард ҳолидан
Роҳат олиб қилган хандалар,
Лаънат сизга,
Томошабин, гумроҳ бандалар!
Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб.
Арслон узра
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар —
Ўргатувчи
Аста унинг ёнига келар.
Қулоғига бир сўз айтар
Эгиб қоматин:
— Нодон дема,
Мен биламан арслон қудратин.
Сен тўқайлар подшосисан,
Мен — бечораман,
Ҳамла қилсанг,
Бир лаҳзада тилка-пораман.
Фалак иши —
Бизнинг бундай турфа шериклик,
Менга қамчи,
Сенга қафас берди тириклик.
Сен тантисан,
Наздингда мен қув, доғулиман.
Асли ўша тирикликнинг
Сендек қулиман.
Менга недир оломоннинг
Олқиш, қарсаги,
Сенинг ҳар бир ўтли наъранг —
Менга тарсаки.
Нетай, мен ҳам эгалик қул,
Бошда хўжам бор,
Ғазаб қилса,
Кўзларимга дунё бўлар тор.
Менда-ку дард, истеъдод бор,
Бор андак сеҳр,
Ҳеч бўлмаса, ҳайвонотга
Шафқату меҳр.
Томошагоҳ эгаси ким
Менинг қошимда!
Аммо қамчи ўйнатар у
Доим бошимда.
Ҳолатимни тушун,
Исён қилма, биродар,
Чарх олдида иккимиз ҳам
Асли баробар.
Гарчи арслон ўйнатаман,
Гарчи мен — Одам,
Ой сўнгида қанд кутаман
Хўжамдан мен ҳам.
Гоҳ жонимдан ўтса зулм,
Наъра тортаман,
Лекин бундан
Фақат бошга бало ортаман.
Бу сўзларга чидолмади,
Тўлғонди арслон:
— Бўлди, бас қил!
Юрагимни қон қилма, инсон!
Ўт олсин бу чархи фалак
Ризқу рўзини!..
Арслон олов чамбаракка
Отди ўзини.
1977


АЛИШЕР НАВОИЙ КЕМАСИ

Азалий даврада чарх уради ер,
Муштарий азалдек чақнаб турипти...
Беш аср сўнгида буюк Алишер
Баҳри муҳит аро кезиб юрипти.

Тирикликда чархдан топмаган омон,
Бошига ғам гардин ёғдирган фалак —
Даҳр аро танҳою зору саргардон
Қалқиб бормоқдадур беором юрак.

Аччиқ тўлқинларга кўкрак урадир
Умрида ҳаловат тополмаган жон,
Жаҳон уммонида кезиб юрадир
Долғали ҳам сокин жаҳоний уммон.

Улуғвор бастида ўйчан бир шукуҳ,
Килкидан тўкилган ғазалдек боқий,
Беш аср сўнгида кема бўлган руҳ,
Беш қитъа оралаб кезар Навоий...

Ҳаяжон кўнглимда, ҳайрат ақлимда,
Олис қирғокдаман — бу нечук тимсол!!
Ярим минг йил оша ўзга иқлимда
Бундоқ учрашувни ким этмиш хаёл.

Азалий даврида чарх уради Ер,
Муштарий азалдан чақнаб турипти.
Махшаргача уйғоқ буюк Алишер
Жаҳон уммонида кезиб юрипти.
1977


УНУТИШ ҚЎШИҒИ

Йўл четида беҳол ётибман,
Не бўлди, деб сўрар киши йўқ,
Ишим йўқдир бу олам билан,
Бу оламнинг менда иши йўқ.

Дунё учун фақат пул бўлсин,
Адлу инсоф, диёнат эса...
Менга деса, борлиқ кул бўлсин,
Мен йўқ бўлай дунёга деса.

Жоним бор-у, юрагим ўлган,
Очиқ туриб кўрмайди кўзим.
Қариндошлар мендан қутулган,
Қутулганман дўстлардан ўзим.

Тўйдим борлиқ, йўқликни кўриб,
Тириклик ҳар кўйга бошлади.
Охир менинг сувимни сўриб,
Данагимни туфлаб ташлади.

Не наф ўкинч,
Не фойда алам,
Дардларимни жим ютмоқчиман.
Дунё мени унутди, мен ҳам
Энди уни унутмоқчиман.

Билагимда игналар изи,
Дори мени элитган, мастман.
Недир замон, макон сезгиси,
Бу ерми ё кўкми, билмасман.

Қачон, қайда кимдан туғилдим,
Мен ким, недир ватанимга ном,
Бас, билмасман,
Билиб не қиддим,
Кечган бўлсам баридан тамом.

Кўтараман баландга ҳолсиз
Илма-тешик бўлган билагим.
Унутишни куйлайман ёлғиз,
Ёлғиз шудир менинг маслагим.

Йўл четида беҳол ётибман,
Не бўлди, деб сўрар одам йўқ.
Оламучун йўқман тамоман,
Бундай олам мен учун ҳам йўқ.
1977


КЎЧА ЧЕТИДАГИ АЁЛ

Бу дунёда ҳамма нарса
сотилади,
Мартаба ҳам, истеъдод ҳам,
эътиқод ҳам.
Ҳаёт ўзи ҳар бир мулкни
нарх қилади,
Менинг мулким — қизил юзим,
оппоқ танам,
Ҳусним борки, оламда мен
бўлмасман хор,
Мен эмасман шўрлик, бахтсиз,
ё девона.
Ўзгаларнинг ҳунаридек
ҳунарим бор,
Меҳнатим— айш,
хизмат жойим —
ишратхона.
Ўйлаб кўрса, эзгулик не,
ахлоқ недир?
Тўғрилик не, поклик надир
бу жаҳонда?
Улар бари асли нисбий
тушунчадир.
Ўзгачадир ҳар инсонда,
ҳар замонда.
Аждодларинг кўрмаган бу
томошалар,
Бу китоблар, бу санъат,
бу давру даврон...
Сен ўтмишнинг кўзи билан
боқсанг агар,
Маҳкумадир бугун ҳар бир
қизу жувон.
Шафқат билан боқма,
шафқат тиламасман,
Қисматимдан йўкдир асло
шикоятим,
Пулинг бўлса кел,
йўқ бўлса — имламасман,
Накд долларга сотилади
иноятим.
Қонунийдир, касбимнинг йўқ
уят, ори,
Озод юртда мени таъқиб
қилолур ким?
Аслин олсанг, бу ўлкада энг юқори
Курсиларда ўлтирибди
ҳамкасбларим.
Бойваччалар уларга пул
сарф қилади.
У жаноблар олдида мен
пок бир санам...
Бу дунёда ҳамма нарса сотилади,
Менинг молим — қизил юзим,
оппоқ танам.
1977


* * *

Замин отли бир Сайёрани
Икки бўлак қилиб сўйдилар.
Ғарб дедилар битта порани,
Бир порани Шарқ деб қўйдилар.

Тақдир яна минг парча этди.
Эл-элатлар ва динлар аро —
Дона-дона сочилиб кетди
Анор каби кесилган дунё...
1977


ШАРҚИЙ ҚИРҒОҚ

Иван НОВИКОВга

«Табиат қонуни,
Қайда бор қирғоқ,
Билмадим, фанда не боис омиллар,
Шарқий соҳиллардан ҳамиша тикроқ,
Баландроқ бўлади ғарбий соҳиллар.

Неча дарёларни кузатиб юрдим,
Ҳеч ерда истисно топмадим бироқ.
Ғарбий соҳилларда тепалар кўрдим,
Шарқий соҳилларни кўрдим ётиқроқ.

Боқиб кўнглимчўкди неча мартаба,
Нега бунда қилдинг, чархи кажрафтор?
Бир соҳилга бериб юксак мартаба
Бошқа бир соҳилни қилдинг хокисор?

Аслида замин бир, тенгдир соҳиллар,
Ноҳақлик эмасми, гардуни золим!..
Қайда қирғоқ кўрсам,
Оловли йиллар,
Қонли кечувларга учар хаёлим.

Биз доим борганмиз куч чиқар ёқдан,
Ўлимнинг юзига тик боқиб ҳар гал.
Ёв эса юксақдан, ғарбий қирғоқдан
Қаттол ва бешафқат ёғдирган ажал.

Биз шаркдан борганмиз, шарқий соҳиллар
Тўпга нишон бўлди, текис ва яйдоқ.
Биз бўлсак — фидойи жони сабиллар
Тикка боравердик, танимиз байроқ.

Дарё бўлиб оқди дарёда хунлар,
Дўзах оловида бамисли дунё.
Минглардан юз қолдик, юзлардан ўнлар,
Қирилдик, орқага қайтмадик аммо.

Бизга душман эди ҳийла ва ҳадик,
Йўқ эди мардликдан ўзга ҳимоят.
Ёв ўқи тугади, биз тугамадик,
Ғарбий соҳилларни олдик ниҳоят».

Садоси замину кўкни титратиб
Поезд Будапештга тезлаб борарди.
Белорус ҳамроҳим,
Жангчи ва адиб
Менга хотиралар сўзлаб борарди.

Сариқ сочларига оқ оралаган,
Мовий кўзларида тубсиз бир хаёл.
Тирик юрса эди Есенин агар,
Бугун бўлар эди балки шундоқ чол.

У сўзлар,
Тирилиб келарлар гўё
Бирга қонли жангга кирган ўртоқлар.
У сўзлар,
Қалбимда беради садо
Фарёд чекиб ётган шарқий қирғоқлар.

Мана, мен юксалиб
Гелерт тоғига,
Фидолар қабрига эгарканман бош,
Қарайман Дунайнинг у қирғоғига,
Ногоҳ кўз пардасин қоплаб келар ёш.

Шарқий соҳил ётар тинч ва беозор,
Кеч қачон ҳеч нарса кўрмаган гўё,
Гўёки бўлмаган у қонли баҳор,
Оҳиста чайқалиб оқади дарё.

Ҳолбуки, қирғин жанг давом этмоқда,
Ҳолбуки, қурбонлар руҳи уйғоқдир.
Ҳамон ёв қўрғони ғарбий қирғоқда,
Ҳамон бизнинг маскан шарқий қирғоқдир.

Дардлар гирдобида чарх урар замин,
Мажруҳ сийнасидан силқиб оқар қон.
У ҳар кун, ҳар лаҳза минглаб одамин
Шарқий қирғоқларда бермоқда қурбон.

Бомбай, Мадорасда одам тумонат,
Яратган бандаси мисли тупрокдир.
Очлик ҳар сония минг жонга офат,
Жизғанак кўчалар — шарқий қирғокдир.

Ногоҳ гумбурлайди Хайфон осмони,
Юрагин чангаллаб қолар бир аёл.
У шарқий соҳилнинг битта қурбони,
Тириклайин топган ёш жони завол.

Ҳамон қитъаларда йўкдир сукунат,
Ҳамон жабҳаларда уйғокдир ғаним.
Жафокаш дунёда, азалий қисмат,
Шарқий қирғоқдадир менинг ватаним.

Дунёда бор экан ноҳақлик, зулм,
Дунёда бор экан асорат, жафо,
Жангдамиз, бир бошда бор битта ўлим,
Шарқий соҳилларда жонимиз фидо.

Шоир! Эй, тинчимас оловли юрак!
Адолат юлдузи сенга маёқдир.
Ҳақ йўлда фидойи аскарсан, демак,
Сенинг қароргоҳинг — шарқий қирғоқдир.

Зулм қўрғонига қила бер ҳужум,
Билки, бизникидир, ниҳоят, зафар.
Дунёда бор экан энг сўнгги мазлум,
Шарқий соҳилларда ўчмас машъаллар.
1979


АФҒОН ШОИРЛАРИГА

Бас, тарки қафас эт, амри букуннинг,
Ҳаволан, кўкларни кучгил, юрагим.
Тўлқинлари оша кўҳна Жайхуннинг
Афғон диёрига учгил, юрагим.

Кандаҳор йўллари,
Мозори шариф,
Боболар қадами теккан муқаддас —
Қадим Ҳирот аро танҳо бир ғариб
Мақбара қошида тиз чўк бир нафас.

Ассалом айтгину бир қучоқ гул тут
Буюк шоирини севгучи жондан —
Севгиси беҳудуд фахри беҳудуд,
Тилаги беҳудуд Ўзбекистондан.

Сўнг шоир дўстларим ёнига боргин,
У юртда бор менинг дилдош дўстларим.
Юрагим, сен ўзни анордек ёргин,
Дона-дона сочиб ташла сўзларим.

Айт уларга менинг ҳамнафаслигим,
Дилдаги бериё муҳаббатим айт.
Айтгин хиёнатга кўл бермаслигим,
Қондошлик ҳиссига садоқатимайт...

Озодлик йўллари бўлмагай равон,
Тайёр дастурлар йўқ саодат учун.
Бу йўлда кураш бор, зафар ва армон,
Ишонч бор, шубҳа бор, янглиш ва тугун.

Олам узра эсган тонг нафасининг
Қушлар ҳаловатин бузгани каби
Не ажаб инқилоб зилзиласининг
Марказида бўлса шоирлар қалби.

Осонмас, осонмас шоир юракка,
Унда туманларнинг дарди, оҳи бор,
Унга бу дунёда яшаш мураккаб,
Чунки шоир қалбнинг иштибоҳи бор.

Эй, сиз, менинг афғон шоир дўстларим,
Қалбимни қалбингиз билан улайман.
Сизга ҳурриятнинг мушкул йўлида
Бардамлик тилайман, қудрат тилайман.

Дунёда бор бўлсин адолат ва шеър,
Эрку биродарлик доим бор бўлсин.
Рўзи маҳшаргача уйғоқ Алишер
Руҳи сизга букун мададкор бўлсин.
1979


СИРДАРЁ ЎЛАНИ

Осмонўпар Тиёншоннинг қорисан,
Кўҳна Жайҳун йўлдошисан, ёрисан.
Она водий ҳаётисан, борисан,
Қувончисан, аламисан, зорисан,
Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.

Туман аср кечмишидан дараксан,
Юртим учун ҳам томир, ҳам юраксан,
Нега букун бемадорсан, ҳалаксан?
Сен бизларга ахир мангу кераксан,
Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.

Сен борсанки, кенг воҳада ҳаёт бор,
Демак, юртнинг лабида бол, набот бор,
Сенда элим саботидек сабот бор,
Собит бўлгин, Она сойдан нажот бор,
Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.

Сен пахтасан, олма, анор ва нурсан,
Ўзбек учун сурурсан ҳамғурурсан.
Ўзни ерга томчи-томчи берурсан,
Дарё эмас, халқ тимсоли эрурсан,
Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.

Мен болангман, нидо бўлай сен учун,
Бир жалғадек даво бўлай сен учун,
Керак бўлса, фидо бўлай сен учун,
Майлига, мен адо бўлай сен учун,
Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.
1979


ШОИРЛИК

Устоз Миртемирни излаб

Шоирлик — бу ширин жондан кечмакдир,
Лиммо-лим фидолик майин ичмакдир.
Шоирлик — жигарни минг пора этмак,
Бағир қони билан сатрлар битмак.
Ўзни томчи-томчи, зарра ва зарра
Элга қурбон қилиб, энг сўнгги карра
Армон билан демак: «Эй она юртим,
Кечир, хизматингни қилолмай ўтдим».
Шундоқ яшар асли соҳиби ижод,
Шундоқ яшаб ўтди Миртемир устод.
1980


МУҲАРРИР

Нега ҳадеб менга танбеҳ берасан,
Нега ўз ҳолимга қўймайсан, ахир!
Нега ҳар сўзимдан айб қидирасан,
Беомон, ноинсоф, қаттол муҳаррир.

Ҳар сўзим маъносин қирқ хилда чақиб,
Гоҳ нолали дейсан, гоҳи тумтароқ.
Айтгин, эй, каттакон кўзойнак тақиб,
Нималар излайсан шеъримдан, ўртоқ!

«Холис» хизматингни, биродар, қўйгин,
Илтимос, керакмас менга ёрдаминг.
Минг хил тафтишлардан, рост айтсам, тўйдим,
Жонга тегиб бўлди қизил қаламинг.

Қачон бу зулмдан бўлурман озод,
Қачон тугар экан бедодлик, ахир!
Афсуски, ҳеч кимга деёлмайман дод,
Чунки, мен ўзимман ўша муҳаррир...
1980


КЕЧИКИШ

На тўю на аза,
на иш, на байрам,
Ҳеч қайга,
ҳеч қачон,
ҳеч бир ҳолатда —
Вақтида келмаган
бу шўрлик одам,
Бир соат кечикар
ками, албатта.
Унда сира айб йўқ,
югурик давр
Мос келмади унинг
сусткаш жонига.
Тақдир кечиктирди,
бир соат надир,
Камида бир аср
ўз замонига.
1980


ТЎЙ ОҚШОМИДА

Икки ошиқ ўхшар юлдузлар аро
Учиб юрган ёндош сайёраларга.
Севги фазосида улар бор танҳо,
Не парво ердаги овораларга.

Улар биздан олис қилмоқда парвоз,
Сомон юлдузлари кумуш пойандоз...
Сиз, таванхонада, янгалар, жонбоз
Чучвара уясиз тоғораларга.

Уларнинг қалбида илоҳий туйғу,
Қудрати олийга турар рўбарў,
Сиз эса, нотиқлар, қандоқ жазо бу,
Ҳадеб панд ўқийсиз бечораларга.

Севги — япроқларнинг шитирлашидир,
Севги — юлдузларнинг шивирлашидир.
Севгида самовий сукут яхшидир,
Сиз карнай қўшасиз ноғораларга.

Интизор жонларга беринг ал-амон,
Муҳаббат аршида урсинлар жавлон.
Эй, сен, гўзал синглим, ошиқ укажон,
Оқ йўл, саодатли ситораларга!
1980


ҒАФЛАТ

Табиатга дейлик ташаккур,
Бош эгайлик унга, албатта,
Ноқислиги учун тафаккур,
Бўлганимиз учун ғафлатда.

Севинамиз борлигимиздан,
Дўстлар билан қиламиз ҳузур,
Улар ўйи ниҳондир биздан,
Биз билмаймиз... Шунга ҳамшукур.

Муқаддасдир биз учун вафо,
Табаррукдир маъсум аҳдимиз,
Не эканин алдамчи дунё
Англамаймиз — бу ҳамбахтимиз..

Бу дунёдан кетармиз бир кун,
Бизга аён, аммо қай соат?
Бехабармиз...
Одамзод учун
Ғафлат ўзи буюк саодат.
1980


* * *

Совуқ чордоқларда қувғинди, шумшук,
Оч ўлим ваҳмида яшаб ҳар нафас,
Тақдирдан нолийди эгасиз мушук,
Хонаки қавмига қилади ҳавас.

Бу эса ухларкан тинч ва бепарво,
Бош қўйиб беканинг иссиқ тўшига,
Хаёлида кезар бўғотлар аро,
Ёввойи озодлик кирар тушига.
1980


КЎҲИНУР

Қай маконда, қай замонда
Бино бўлдинг, Кўҳинур?
Қай бахтсиз кун Ҳиндистонда
Пайдо бўддинг, Кўҳинур?

Қадимликда ким муқаддам,
Оламми ё сенмидинг?
Азимликда ким муаззам,
Одамми ё сенмидинг?

Қай кун сенга тенгсиз жило
Сеҳрин берди табиат?
Одамзодга молу дунё
Меҳрин берди табиат?

Боғландилар то инсонлар
Жавоҳирга жон билан —
Хазиналар ва имонлар
Олуд бўлди қон билан.

Бунча жозиб, бунча соҳир,
Якто бўлдинг, Кўҳинур?
Соҳибингга аввал-охир
Бало бўлдинг, Кўҳинур.

Сенинг учун жангга кирди
Фуқаролар, ҳожалар.
Бир-бирига қилич урди
Маҳоражу рожалар.

Жигар жигар кўзин ўйди.
Дўст қасд дўсти жонига.
Фарзанд қўлин бўяб кўйди
Ўз падари қонига.

Қай бир мулкка ошно бўлдинг,
Ғорат бўлдинг, Кўҳинур.
Қай бир юртда пайдо бўлдинг,
Офат бўлдинг, Кўҳинур.

Одам насли жондан кечиб
Нега бўлди сенга ром?
Ўлар чоғи сени ичиб
Нажот топмас ташнаком.

Ҳеч ким сени тишга босиб
Даво топмас очликка.
Умри битган сени осиб
Қайта олмас ёшликка.

Сени асраб кўкракларда,
Зар тожларга тақдилар.
Ғазналарда, чўнтакларда
Сени пулга чакдилар.

Асли сени қилса ҳадя
Бир оч ҳинди гадога,
Менга тошмас, нон бер дея,
Нола қилар худога.

Қиёси йўқ бу жаҳонда
Олмосмидинг, Кўҳинур?
Бир тош эсанг, Ҳиндистонда
Қолмасмидинг, Кўҳинур?

Қўшин тортиб Ҳиндистонга,
Ғолиб кетди Нодиршоҳ,
Сени «ҳаққи ал-амон»га
Олиб кетди Нодиршоҳ.

Мулки ҳиндга қайта келдинг,
Қайта кетдинг Ажамга.
Ошно этиб ҳар гал элнинг
Қисматини аламга.

Охир сени олди Шимол
Мағлуб ҳинднинг божида.
Оловландинг хотин-қирол
Виктория тожида.

У ҳам сени тарошлатди,
Ўз дидига қилди мос.
Мисли ғарбга қуёш ботди,
Парвин қолди кўзда ёш...

Сунъий қудрат инъом қилган
Бениёзсан, Кўҳинур,
Ҳатто яримҳуснинг билан
Беқиёссан, Кўҳинур.

Фиръавнлар, шаҳаншоҳлар
Кетдилар ҳам йўқ бўлиб,
Нигоҳларни то бу чоғлар
Ёндирасан чўғ бўлиб.

Чанг бўлдилар кўк баробар
Чанг кўтарган лашкарлар.
Кайхисравлар ва Доролар,
Искандардек сарварлар.

Сен деб туман жонни тиккан
Қаттол соҳибқиронлар,
Сен деб ота қонин тўккан
Ул валиаҳд ўғлонлар —

Адам сари кетди бари,
Сен омонсан, Кўҳинур.
Мен деганга вақт сингари
Беомонсан, Кўҳинур.

Бунча зўр деб ишқи зарнинг
Балки ҳайрон бўларсан,
Сенга меҳр қўйганларнинг
Аҳволидан куларсан.

Сен куларсан, о, яна ким
Бўлур менга эга, деб.
Одамзодга қонли йўлим
Сабоқ бўлмас нега, деб.

Сен куларсан, кулгуликдир
Сенга бизнинг тилаклар.
Чиндан ҳайрон бўлгуликдир
Биз ишонган эртаклар.

Асли бу чарх гоҳ ўнг қолиб,
Терс айланар гардундир.
Кимлар эса бугун ғолиб,
Эрта бир кун забундир.

Сен забунлар саноғини
Ўйлармисан, Кўҳинур?
Минг йилларнинг сабоғини
Сўйлармисан, Кўҳинур?
1980


ҚАЛБ ШУНДАЙ УММОНКИ...

Қалб шундай уммонки, унинг бағрида
Даҳшатли долғалар силсиласи бор.
Қалб шундай заминки, оташ қаърида
Вулқонлар отгувчи зилзиласи бор.

У бир сайёрадир, Ердек шафақгун,
У бир оламдирки, билмас ниҳоя.
Уни меҳваридан чиқармоқ учун
Атомжанги эмас, бир сўз кифоя.
1981


ТАБИАТ ВА ҚИЗАЛОҚ

Бийрон қизчамёмғир ёққан кун
Ёлворади хўрсиниб оғир:
«Энди бирпас ўйнаб келайин,
Айтинг, дада, ёғмасин ёмғир!

Кутиб қодди яшил коптокчам,
Ҳай-ҳай нимчам зерикди ёмон.
Йиғлаяпти қўғирчоғим ҳам,
Ёмғир тинсин, айтин, дадажон!

Бувим дерлар дуо қилиб: «Тин!»
Деҳқонларга қийин бўлармиш,
Ёмғир тинса — план тўлармиш,
Айтинг, дада, ёмғир ёғмасин!»

Шириним, ҳақ сўзларинг бари,
Эл зори бор бувинг зорида.
Сен ўйлайсан, фалак ишлари
Дадажонинг ихтиёрида.

Шундай бўлса, мен ўзим билиб
Булут кўзин ўймасми эдим.
Юрт бошига ҳеч ўчмас қилиб
Қуёш ёқиб қўймасми эдим?!

Қизалоғим, билмайсан ҳали,
Муаммоси оламнинг — олам.
Ожиз чархга тўзим бергали
Даданг надир, инсоният ҳам.

Измимизда эмас бу дунё,
Самоватга ўтмас сўзимиз.
Билки, ундан нажот йўк асло,
Бизга нажот... фақат ўзимиз.

Шунча қайғу сенда ҳам, қизим,
Хафа бўлма, баланд кўтар бош.
Ўзбек деган халқ бор, юлдузим,
Қалби унинг миллионлаб қуёш.

Уни тарих қилган имтиҳон,
Табиатнинг синови надир.
Унга фақат сен бўлгин омон,
Жону қалбин сен қилгин қадр.

У буюк халқ. Юки ҳам буюк,
Қаноати билмас ниҳоя.
Ишон, қизим, ҳеч қандай булут
Халқ бошига сололмас соя.
1982


МАКСИМ ГОРЬКИЙ БИЛАН СУҲБАТ

Вафо қилди андуҳ олами кимга?
Кимга бахш этди у умрлик сафо?
Эй, заҳмат соҳиби, болалигимга —
Гўдак аламларинг бўлди ошно.

Бетинч юрагимга дорилфунунда
«Дорилфунунларинг» солганда ғулу,
Мен ҳам ўз диёрим водийларинда
Пиёда кезмоқни қилганман орзу.

Устоз, сен бир инсон умри муқаддам
Хато қилган эдинг, излаб худованд.
Не тонг, даҳоларнинг хатолари ҳам
Майда рост йўллардан юз карра баланд.

Ишондим, дунёга келган кунидан
Башар изламабди бесабаб илоҳ.
Мен бугун қўрқмасман дин афъюнидан,
Худоси йўқлардан қўрқаман бироқ.

Мана, у қаршимда ўлтирар ҳозир,
Қалбида ҳис, кўзда маъноси йўкдир.
Берсанг, бу дунёни ютмоққа қодир,
Чунки юрагида худоси йўкдир.

Шоҳми у, гадоми, кулолми, заргар,
Йўлга солган чоғи шайтон нидоси,
У қайси тафтишдан қўрқадир, агар —
Қўрқмоққа бўлмаса дилда худоси?

Дўзах ўтларининг минг битта шаклин —
Кўрсатиб минг бир хил ёниши билан,
Лол қилмоқ бўлган ким одамзод ақлин,
Бўйла номуборак дониши билан?

Ким у зар қасдида, дунё қасдида
Ваҳшат ханжарини қайраган жаллод?
Муқаддас туйғуси йўқлар дастида
Жонсарак оҳудек бўлмиш одамзод.

Устоз, сен бир инсон умри муқаддам
Хато қилган эдинг излаб худованд.
Не тонг, даҳоларнинг хатолари ҳам
Майда рост йўллардан юз карра баланд.

Мен ҳақ билдим қалбим эътиқодини,
Оламга эзгулик зиёси тўлсин.
Имон денг, виждон денг, майли, отини, —
Лекин одамзоднинг худоси бўлсин.
1982


КЕЛАЖАККА МАКТУБ

Иван Васильевич — даҳшатли подшоҳ
Ғазаби жунбушга келганда ногоҳ,
Темир асо билан уриб ўғлини,
Фарзанд қони билан бўяб қўлини,
Ўзи даҳшат ичра лол қотди бир дам...
Роса ярим аср
Шундан муқаддам
Ўзга мамлакатда ўзга бир тождор —
Ул ҳам беҳуш ётган ўғли узра зор
Кўкка қўл чўзганча чекарди фиғон:
«Менинг жонимни ол, эй, парвардигор,
Аммо фарзандимни қолдиргин омон!»
Мирзо Бобур оҳи фалакка етти,
Ҳумоюн кўз очди.
Соат-басоат —
Ҳаётга қайтдию ўғлон саломат,
Отани хасталик тўшакка элтди.
Сокин шифтга боқиб ётар Бобуршоҳ,
Умри битганидан юраги огоҳ.
Соҳиби салтанат, соҳиби қалам,
Кўнглида шукрона ва битмас алам.
Шукрким, куймади фарзанд доғида,
Аламким, ўлмади юрт тупроғида,
Шукрким, байтларда номи қолажак,
Аламким, зобит дер уни келажак.
Шукрким, бу юртни қилолди обод,
Аламким, муҳтожлик бўлмади барбод.
Гадолар юртидир бу гавҳар тупроқ,
Шу боис шукридан алами кўпроқ.
Бошида валиахд ўлтирар ёлғиз,
Ёш келмас кўзлари мўлтирар ожиз.
Рангпар чеҳрасида унинг шоҳ Бобур
Бенажот салтанат рамзин кўради.
Мана,
Тўплаб сўнгги саботни шоир,
Аста қўл узатди,
Қалам сўради.
Шоир: «Қалам», деди.
Янги бир ғазал,
Янги рубойими келар дунёга?
Йўқ,
Хат ёзар бўлди шоҳ Бобур бу гал,
Мактуб битар бўлди ўрис подшога:
«Фоний бу дунёда холиқи кудрат
Подшолар амрини қилмишдир вожиб,
Сизга Рус тожини кийдирган қисмат
Бизга Ҳинд тахтини кўрмиш муносиб.
Бахтми бу, бахтсизлик — Оллоҳга аён,
Не бўлсак, ҳақ амри ифодасидир.
Ва лек эллар аро жангу ал-амон
Энди биз подшолар иродасидир.
Бу ғамлик, бевафо фоний оламни
Тарк этмоқ муҳаққақ шоҳу гадога.
Фақат эзгу ишлар насли одамни
Марғуб этгувсидир икки дунёга.
Кўп кўрди бу замин офат ва қирон,
Тингламоқ чоғидир адолат сасин.
Эй, халқи бешумор, юрти бепоён —
Буюк шоҳ, боғлайлик дўстлик риштасин.
Мен — салтанат шоҳи, йўқ, саргашта жон
Ҳақиқат излаган дунёда якка.
Машриқ сийнасидан силқиб ётар қон,
Шоир қалби ожиз малҳам бўлмакка.
Умрим поёнида мен кўрган нажот
Қисмат саҳросида балки саробдир.
Аммо ният қилдим ўқиб саловат,
Пок ният ўзи ҳам олий савобдир.
Эмди бу жаҳонга бир қудрат керак,
Жаҳоний зулматни енгмоққа қодир.
Сизга тилагувчи тангридан кўмак:
Имзо — Заҳириддин Муҳаммад Бобур».
Олис Россияга етиб келди хат,
Неча тоғлар ошиб, денгизлар ошиб,
«Сизга Рус тожини кийдирган қисмат
Бизга Ҳинд тахтини кўрмиш муносиб...»
Қайси Ҳинд?
Қайси тахт?
Бу қандай диёр?
Нечук империя? Хитойми, мўғул?
Москва князи — мағрур ҳукмдор
Бир дақиқа бўлди хаёлга машғул.
Сўнг тасалли топди:
«Бор бўлса бордир,
Дунё кенг, эллар кўп, билмоқ душвордир.
Князь ғофил эса маъзур —
Бу мактуб
Унга тегиб қолди тасодиф фақат.
Унга тегиб қолди хатолик ўтиб
Олис келажакка жўнатилган хат.
1982


ТУШЛИК ТАНАФФУС

Сокингина яшар эди у,
На шодлиги аён, на дарди.
Тонгда тўғри ишга борару
Оқшом тўғри уйга қайтарди.

Улфати йўқ, кўча кезмаган,
Маишат не — билмаган одам.
Биров сезиб, биров сезмаган
Борлигию йўқлигини ҳам.

Бир мўминга доим бир қотил
Эш бўлгандай ёруғ дунёда,
Манглайига битганди хотин,
Азроилдан ўн бор зиёда.

Чўнтагига эрнинг тўр халта,
Қулоғига солиб олам гап,
Рўйхат қоғоз билан, албатта,
Кузатарди ҳар кун эрталаб...

Содда, ношуд, ориқ, кичкина...
Ҳар кун уйда ўлтириб оқшом,
Газетдан кўз олмай тинчгина
Эшитарди хотиндан дашном.

Тирикликнинг ташвишу ғами
Ҳаммани ҳам қилгандек адо,
Сўнди бир кун умрнинг шами,
Бу оламдан кетди бенаво.

Хотин кўзни очиб ғафлатдан,
Билди — суянч тоғи йўқолди.
Шаддод хотин шунда дафъатан
Муштипарга айланди қолди.

Шудир асли ҳаёт қонуни,
Не йўқолса — азиз, мукаррам.
Шам кўтариб,
Арафа куни
Қабристонга йўл олди у ҳам.

Қудрат тиланг энди сабрига,
Уни кутар бунда турфа ҳол,
Қотиб қолди!
Эри қабрига...
Шам ёқарди ўзга бир аёл.

Лол қотди у.
Тўплаб ниҳоят
Бор макрию иродасини,
Яширолди кўздаги ҳайрат
Ва ҳаяжон ифодасини.

Аёл сари юрди бепарво,
Салом берди.
Сўраб кечирим,
Деди кўнгил олгандай гўё:
— Ким бўлади бу одам?
— Эрим.

«Эрим». Бу сўз хотин кўксига
Оловли ўқ бўлиб санчилди.
Энди билди,
Уни эр нега —
Хуш кўрмасди,
Ҳа, энди билди.

Наҳот, шундай беозор одам...
Наҳот, бўлган бошқа хотини...
Мана, энди шундан кейин ҳам
Оқлаб кўринг эркак зотини.

Қани, шу пайт гўрни очсаю
Бевафони тутса сўроққа.
Сўнг эрига қўшиб мана бу —
Мегажинни кўмса тупроққа.

Э воҳ, аёл ғазабидан ҳам,
Макридан ҳам асра, худойим!
Ёндирса-да ичини алам,
Савол сўрар яна мулойим:

— Болалар-чи?
— Қолмади ёдгор,
Менга унинг ёди кифоя.
Ғайри одат бу ишқ — бетакрор,
Эшитсангиз, қилай ҳикоя:

Мен у билан тушлик чоғида
Ошхонада дастлаб кўришдим.
У столнинг нариёғида,
Мен бу ёкда ўтирганча жим —

Овқатландик.
Эртасига ҳам,
Индинга ҳам шу бўлди такрор.
Еттинчи кун деганда илк бор

«Яхшимисиз» деди бу одам.
Танишув кун бўлди у бизга,
Саломлашиб юрдик неча кун...
Кечирасиз, не бўлди сизга?

Титраяпсиз, сингилжон, нечун?
— Ҳечқиси йўқ, совқотдим бир оз.
Давом этинг.
— Хулласи калом,
Бир-бировга ўргандик оз-оз,
Бир-бировга боғландик тамом.

Шундай экан қисмат хоҳиши,
Мен ҳам эдим кимсасиз, танҳо.
У камина беозор киши
Юрагимга бўлди ошино.

Мен-ку ёлғиз эдим,
На отам,
На онам бор, на оилам бор.
Ёлғиз экан дунёда у ҳам,
Фарзандлар ғўр, хотин — дилозор.

Содда, ночор, кўримсиз, аммо —
Қалби унинг бир олам эди.
Теран фикрат, ҳислар мусаффо,
Фидойилик жамулжам эди.

Э воҳ, қадрин билмади дунё,
Тупроқдаги дур эди бу зот.
Менинг зулмат ҳаётим аро
Ярқ этган бир нур эди бу зот.

Дардлашардик бечора билан,
Иккимизда надомат, афсус,
Ғам-андуҳлар изҳори билан
Ўтар эди тушлик танаффус.

У сўзларди, мен тинглар эдим,
Мен йиғлардим, куярди у ҳам,
Гоҳи узоқ ўлтирардик жим,
Кўзимизга чўкиб тубсиз ғам.

Менинг кўзимдерди:
«Эй азиз,
Қайда эдинг ўттиз йил аввал?»
Унинг кўзи дерди:
«Фойдасиз...
Бу оламда бахт йўқ мукаммал».

Менинг кўзим дерди:
«Мен муҳтож
Қидиргандим сени бир умр».
Унинг кўзи дерди:
«Не илож,
Кеч бўлса ҳам кўришдик, шукр».

Сўрсаларки, қай вақт саодат
Бўлган сенинг умрингга ошно?
Дердим: Беш йил —
Ҳар кун бир соат,
Фақат тушлик танаффус аро.

Ўзга макон, ўзга замонда
Мавжуд бўлган олис юлдузлар
Эл кўзидан пинҳон осмонда
Кўришгандек фақат кундузлар —

Биз ҳам шундай яшадик беш йил.
Бу ҳамтурмуш...
Мана, ниҳоят,
Жудо бўлдик...
Бор гап шу, сингил,
Тамом бўлди дардли ҳикоят.

Оқшом чўкар,
Тушар қоронғу,
Хазонларни супурар шамол.
Яримта ой, сурганча хаёл
Сокингина таратар ёғду.

Қабристонда қолмаган одам,
Ҳувиллаган сукунат аро —
Бир қабр узра ёнар икки шам,
Икки аёл йиғлар бесадо...
1982


ҒАЗАЛНИ СЕВГАН ҚИЗ

Сен кулиб турибсан,
Ҳар қандай шоир
Кўзларинг ўтида эриб кетади.
Ҳофизи Шерозий тирилиб ҳозир,
Холингга дунёни бериб кетади.
Нотўкис оламнинг тўкис ва тугал
Ижоди сенмисан, мўъжизий талъат?
Сени пайдо этиб бунча мукаммал,
Ҳайрат қилмасмикин ўзи табиат,
Ўлмас шоирларнинг ўлмас қалами
Ўлмас байтлар битса сен учун, жоиз.
Аммо шеъриятнинг ташбеҳ олами
Камолинг олдида нақадар ожиз.
Ғазални севибсан.
Сенга муносиб
Ғазал бор эканми ёруғ дунёда?
Шоир бахтли эди бир ташбеҳ топиб,
Шу кулиб турганинг қилса ифода.
Минг йил балки сени қилдилар таъриф,
Гоҳи ой дедилар, гоҳида қуёш.
Олам китобини кўрдим ахтариб,
Ҳеч шоир қалбингга топмабди қиёс.
Қошингга ёй нисбат, сочингга занжир,
Париларга нисбат жоду ва сеҳринг.
Байт йўкдир оламда қилғувчи тасвир
Оддийгина меҳринг, фидойи меҳринг.
Ғазални хушлабсан,
Синглим, ташаккур,
Ҳар кўнгил сенигдек ишқибоз бўлсин.
Сенга бирор сатрим бўлолса манзур,
Оёғинг остига пойандоз бўлсин.
1982


САЛБИЙ ҲАЯЖОН

Бунча ҳам ярашиқ оқ халатингиз,
Опажон дейинми ёки аяжон.
Бул ажаб тил билан ширин айтдингиз:
— Сизга мумкин эмас салбий ҳаяжон.

Ажабо, қидирса бутун дунёни,
Топилар эканми шундай бир одам —
Ярашса юзига ғазаб туғёни,
Ёқса юрагига андуҳ билан ғам.

Не илож, биздамас ихтиёр бироқ,
Нур ва соялардан баҳс қилмоқ абас.
Қўшиб бир кафт ҳасад ва бир кафт нифоқ,
Одамзод лойини қорган биз эмас.

Биз эмас, бу дунё яралган вақтда
Ғишт қўйган вафосиз, бемеҳр, ёлғон.
Хиёнат зарби у — бизнинг луғатда,
Сизнинг тилда эса — салбий ҳаяжон.

Ғийбатдир, бўҳтондир, шубҳадир, киндир,
Балоким, қўл силтаб кетмоқ муаммо.
Инфарктдан югуриб қочмоқ мумкиндир,
Ўзимиздан қайга қочурмиз аммо?

Ҳаёт устозидан ёлбориб сўраб,
Асрлар ўргандик дунё ҳикматин:
Ўргандик андиша пўстига ўраб
Аламни оғудек ютмоқ санъатин.

Гоҳ хаёл қиламан, таскин бор дилда,
Пушкин бу дунёдан кетди беармон.
Агар ўлмаганда шоир дуэлда,
Уни ўлдирарди салбий ҳаяжон.

Ўйлайман гоҳида, ўшал машъум кун
Маҳмуднинг дорида сўнмаса жони,
Салбий ҳаяжондан борлиққа бутун
Тирқираб кетарди Машрабнинг қони.

Ҳар инсон зотида ўзга бир матлаб,
Ҳар инсон зотида ўзгача қисмат.
Мендан ҳар нарсани қилингу талаб,
Кўру кар бўлмоқни сўраманг фақат.

Ахир, бизга азал орзу — яратмак
Ўзга бир жаҳону, ўзга бир инсон.
Ҳаяжон чекармиз, токи келажак —
Билмасин, нимадир салбий ҳаяжон.
1982


* * *

Қуллуқ қил демасман.
Юрт тупроғин ўп,
Унга қуллар эмас, фидолар керак.
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак.

Қаддингни баланд тут,
Бўлма сертаъзим,
Чўққи бўлолмасанг, маҳкам қоя бўл,
Пиллапоя бўлдим сенга, азизим,
Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл.


ВИРУСЛАР

Профессор Шабот ХЎЖАЕВга

Доктор хонасида ҳамма нарса оқ,
Тонг нур талашади оқ туслар билан.
Оқ халатдек соч ҳам оқармиш бундоқ
Олиша-олиша вируслар билан.

Сизга ҳавас қилдим, доктор, менга ҳам
Мўъжизий бу ҳикмат берилса эди.
Сиз дору сургандек, мен қалам сурсам,
Энг мудҳиш вируслар қирилса эди.

Кўлмаклар қуриди, тўқайлар ёнди,
Тарих архивида безгаклар букун.
Лекин қонимизга кирган — сохталик
Аъзои танимиз қақшатар бутун.

Сафсата қасрига меъмор устодлар
Моҳи Хоссадаги товуслар мисол,
Нопок сармоядан семирган зотлар
Бағоят урчиди вируслар мисол.

Мансаб савдоси ҳам классик вирус,
Киритса арзийди тиббий дарсликка.
Шарсимон вирусни мумкин ўлдириш,
Чора йўқ юмалоқ худпарастликка...

Инсоф, диёнатни, ору номусни
Сариқ чақага ҳам олмаса инсон,
Олтин дарди каби сариқ вирусни
Йўқотмоқ мушкулдир — гепатит осон...

Йўталсиз ҳеч ерда ишинг битмаса,
Кўк қоғоз тутмасанг — кўролмасанг кун,
Бундоқ кўкйўталга чора этмаса,
Кўкариб, ўпкалар қуриши мумкин.

Юлғичлик ҳар лаҳза лол қилар бизни,
Гриппдек унда ҳам минг бир хил тус бор.
Доктор, очиб кўринг дафтарингизни,
Бундоқ жони қаттиқ қандай вирус бор?

Бу не дард — минбарга чиққан беибо
Чиройлик ёлғонга қарсак уришлар.
Сохталикнинг илиқ муҳити аро
Яйраб кўпаяди манфур вируслар.

Доктор, қулоқ тутинг! Момогулдирак!
Ҳаво тозармоқда — вирусга қирон.
Салом сенга, оппоқ, тиниқ келажак,
Олқиш бўлсин сенга, уйғонган бўрон.
1984


ДЕҲЛИ АЭРОПОРТИДА БЎЛГАН ВОҚЕА

Ташқари қирқ саккиз даража...
«Боинг»
Бомбай парвозига турар эди тахт.
— Жаноб, юкингизни бу ёққа қўйинг,
Ўзингиз бу ердан ўтинг, марҳамат.

Узун милтиқ осган соқчилар огоҳ,
Бамисли локатор кўз, қулоқлари.
Безовта чириллаб қолди-ку ногоҳ
Электрон назорат қўнғироқлари.

Ҳамроҳим хижолат.
Бошин тебратиб
Чала инглизча узр айта-айта,
Сўнгги чақагача чўнтак бўшатиб,
Магнит қопқасига йўл олар қайта.

Лекин қўнғироқлар тинчиса қани,
Тахликалик ёнар қизил чироқлар.
— Нима яширгансиз, шоир оғайни?
Ҳазил қилишади ҳамкасб ўртоқлар.

Полисменга эса кулги бегона,
Пайпаслаб тинтувга бошлар бадгумон.
Ҳеч нарса тополмас ва лекин яна
Қўнғироқ чириллар. Нозирлар ҳайрон.

Шунда таржимонга дер кекса шоир:
«Тушунтир, ҳеч нарса яширганим йўқ,
Сергак аппарати илғаган темир —
Кўкрагим остида қолиб кетган ўқ.

Қирқ йил яшаяпман ўша ўқ билан,
Борлигин билдирар баҳор чоғлари...
Қайси юртга қадам қўймай, дафъатан
Бонг урар назорат қўнғироклари.

У менга Смоленск жангидан ёдгор,
Уруш ўчмас қилиб қолдирган дастхат.
Айт, узр на даркор,
Афсус на даркор,
Менга ачинмасин —
Ишонсин фақат».

Биз кетдик.
Ўчмасдан қизил чироқлар
«Ҳушёр!» ёзувида пириллаб қолди.
Назоратгоҳ ичра бор қўнғироқлар
Худди жони бордек чириллаб қолди.
1985


ЮРТИМ БОЛАСИ

Ўзбекистон халқи ўн саккиз миллионга етганда

Ўн саккиз минг олам севинч, ноласи
Ҳайрати, умиди, алами билан
Сен дунёга келдинг, юртим боласи,
Ўн саккизинчи миллион рақами билан.

Онанг Ўзбекистон сени ўради
Январь даласининг оқ йўргагига.
Сенга алла айтди кекса самовот
Эгилиб заминнинг беланчагига.

Ҳозир кимдир сенга тикмоқда либос,
Ким сен яшар уйга илк ғишт қўймоқда.
Кичкина жонингга лекин қай раним
Юз минг мегатонлик бомба қуймоқда.

Серташвиш асрда дунёга келдинг,
Она юртингга ҳеч бўлмаган осон.
Букун ҳам бир қўлда сени ардоқлаб,
Бир қўли бошингда ушлаган қалқон.

Мақсад манзилига йўл мушкул, олис,
Жаннат бўлганча йўқ бу азиз тупроқ.
Фалак тоқидаги юлдузлар қанча,
Кўксимизда умид юз карра кўпроқ.

Мен ҳам умид билан тонгда шеър битдим,
Сен — янги меҳмоннинг баҳонасида,
Ўн беш ёшга кириб ўқирсан шояд
Икки мингинчи йил остонасида.

Ҳозир эса йиғла, қичқир, овозинг
Таралсин дунёнинг ҳар тўрт ёғига.
Мурғак вужуд билан бонг ур тил бўлиб
Боқий омонликнинг қўнғироғига.
1985


ВАТАН СОҒИНЧИ

Чет элларда хизмат қилаётган ўзбек биродарларимга

Қай олий маконга сафар қилмайин
Қай йироқ соҳилга элтмасин қисмат,
«Ассаломалайкум!» дея жилмайиб
Бир ўзбек қондошим қаршилар албат.

Бизлар Коломбога қўнганда саҳар,
Илк бор у қаршилаб парвона бўлди.
Шунда рутубатли, бадбўй бу шаҳар
Кўзимга чарақлаб Фарғона бўлди.

Мадорасда тилмоч ул ўзбекзода
Баробар сўзларди саккиз тилда ҳам.
У оқ халат қийиб дорушшифода,
Афғон боласига қўярди малҳам.

Нур қасрини тиклаб Фурот узра у
Араб хонасига ёқарди қуёш.
Пахта ўстирарди Нилдан олиб сув,
Қалбида Африқо филича бардош.

Мисрда Юсуфдек бўлиб кўринди,
Яманда у менга туюлди Ҳотам.
Бу аён туйғудир — на қилса энди
Оловдек ташланар кўзга ўз одам.

Букун олис йўлдан қайтганим чоғда
Илк сатримда сизни қилдим мукаррар —
Эй, сиз, жондошларим, юртдан йирокда
Юртнинг хизматига боғланган камар!

Биламан, не азоб юки ҳижроннинг,
Не дарддур ой-йиллар бўлмоқ интизор.
Биламан, соғинчи Ўзбекистоннинг
Кўзингиз тубида ҳамиша бедор.

У жаҳон ичида битта жаҳондир,
Бир кўрган умрбод қилгуси ҳавас.
Ернинг тортиш кучин енгмоқ осондир,
Она-Ер меҳридан узилиб бўлмас.

Дўстларим, ҳар қайда бўлинг саломат,
Омон қайтинг уйга олис макондан.
Тилагим, ҳеч қачон, ҳеч қачон қисмат
Бизни айирмасин Ўзбекистондан.
1986


ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИ

Инсон феъли ажабдан ажаб,
Йўқдир унга мезонсиз олам.
Юлдузларни ўлчар ботмонлаб,
Қаричлайди чексизликни ҳам.

Ўзи эга, ўзн қул мангу
Ўзи топган акндаларга,
Не дей, ҳатто мангуликни у
Бўлиб чиққан дақиқаларга.

Дақиқадан соатлар йиғнб,
Кунлар тузиб ой жам қилади.
Йиғламайди умр ўтди деб,
Йил ўтди деб байрам килади.

Кўпайса-да, ажинлар ҳарчанд,
Оқарса-да, йиллардан боши,
Қувонади — кўпайди фарзанд,
Севинади — улғайди ёши.

Бу туганмас орзу ҳавасда
Бор умидбахш имонга асос:
Инсон ўлмас.
Аста ва аста
Боқийликка ўтади, холос.
1987


ГЕОРГИЙ АЪЗАМОВ ХОТИРАСИГА

Тундек қаро этиб юрагимни ҳам
Хабар етиб келди кечаси.
Менинг Жора исмлик укам,
Тожихон аканинг кенжаси...

Қадам кўйган эдинг шахмат шоҳининг
Кароргоҳи остонасига.
Отанг маглайига сиғмадинг,
Сиғмадинг ўзбекнинг пешонасига.

Қайта туриларми ўғлон сенингдек,
Қанча юксак эди тилагинг.
Юраги ёрилиб кетган лочиндек
Баландликдан ногоҳ куладинг.

Мухлис эдим, ҳар бир ғалабанг
Менга эди мисоли тўйдек.
Сен музаффар кетдинг, биз эса, аттанг,
Бизлар сени бой бериб қўйдик...
1987


ДЕВОНА ҲАҚГЎЙ

Яна сенинг тўнинг елкангда,
Сиғмай қолдинг бу даргоҳга ҳам.
Лабда аччиқ қимтилган ҳанда,
Ташқарига қўясан қадам.

Туққанингга ёқмас тўғри гап,
Шуни англаб етмаган бўлсанг,
Бу дунёда шунча йил яшаб
Дипломатлик аталган адаб
Кўчасидан ўтмаган бўлсанг, —
Кўнгилдаги гапингни қачон
Кимга қандай сўзламоқ керак,
Ўзингга не фойда, не зиён.
Англамаган бўлсанг гар, демак —

Айб ўзингда,
Токи бу дунё
Тили бурроларга ёр экан,
Манманлиқдек тузалмас савдо
Одамзод бошида бор экан,

Токи бошлиқ зоти экан ҳақ,
Гапи гапу сўзи сўз экан,
Тўрдагилар ҳокими мутлақ,
Пастдагилар юмуқ кўз экан,—

Пешонангга битилган аттанг,
Енгилмоқ бор доимо жангда.
Мудом сенинг қўлингда паттанг,
Мудом сенинг тўнинг елкангда.
1987


* * *

— Орол ўлаётир,
Сир ўлаётир,
Ўлаётир заҳардан тупроқ.
Шоир бунга қарши не қилаётир?
— Шоир дафтарида каттакон сўроқ.

У фақат қичқирар:
Бундоқ бўлмайди.
Алам билан ёш тўкар, бироқ
Унинг кўзёшидан Орол тўлмайди,
Фақатгина ер бўлар шўрроқ...
1987


ДОРИЛФУНУНГА

Яна йигирмага — йигит ёшимга
Узоқ йиллар ўтиб қайтган бу куним,
Таъзим қилиб келдим сенинг қошингга
Азизим, мунисим, дорилфунуним.

Недирсан? Олисга ундаган садо,
Ё олис йиллардан чорлаган уним.
Сени соғинаман ва тирикман то
Сенга интиламан, дорилфунуним.

Болангман, бор ҳали ўзингга ҳамдам
Шўхлик, эркалагим, андек жунуним.
Ким бўлсам, не бўлсам ва қайда бўлсам,
Сен мени тергаб тур, дорилфунуним.

Ҳаёт бешафқатдир, яшаш мураккаб,
Ёзолмай гоҳ дилга чўккан тугуним,
Илтижо қиларман, бедор юракка
Қудрат бер, ёшлигим — дорилфунуним.

Ҳали бу оламга саволим кўпдир,
Хаёлим қушида йўқ лаҳза қўним.
Яна шамчироғинг керак бўлибдир,
Йўлимни ёритгин, дорилфунуним.

Шеъру ишқ, бахт, қувонч — дунё бири кам,
Фақат эътиқодим — танҳо бутуним.
Қалбим тубидаги энг ёруғ нуқтам —
Сенга талпинаман, дорилфунуним.

Эзгулик соғинчи ўртаб кўнглимни
Бош уриб қошингга келган бу куним —
Сидқимни қабул эт, тарк этма мени,
Азизим, мунисим, дорилфунуним.
1987


ҚУРОЛСИЗЛАНИШ

Бир ўрмонда яшар эди икки қабила,
Динозавр, мамонт овлаб бирликда омон.
Не бўлдию бир ов лоши талоши ила
Икки томон жангта кирда қаттол, беомон.

Тил-забонсиз ваҳший тўда, ёввойи аждод
Қон исидан маст — бир-бирин қириб ташлади.
Бу қирғинда омон қолган икки одамзод
Бир-бирига қараб аста юра бошлади.

Ана, улар бир-бирини ўлдирар ҳозир,
Ер юзида инсон насли тугайди буткул.
Шу пайт ногоҳ бири тўхтаб қолди-ю, орир —
Чўқморини секингина ерга қўйди ул.

Рақиби-чи? У ҳам сезди бу не ишора,
Қўлидаги қирра тошни нарига отди.
Икков қўлни қўлга берди, шундан илк бора
Ҳайвонликдан озод бўлди инсоннинг зоти.

Миллион йиллар ўтди, одам наслига, ажиб,
Тарих бўлди инсонликдан ортга тисланиш.
Халтасига тош йиғдию бўлмади насиб
Инсонликка қайтиб яна қуролсизланиш.

Тақдир ҳукми ила яна келди рўбару
Ўша ваҳшат ўрмонида тимсол икки жон.
Букун бир бор ғолиб келди инсоний туйғу
Тошни ерга отмоқ бўлди иккала томон.

Бу янги бир тарих бўлгай! Қани, бирйўла
Ушалса минг йиллик орзу, тузалса янглиш.
Насиб бўлса шубҳа тўла, душманлик тўла
Юракларга ёвузликдан қуролсизланиш.

Музлар эрир, инсон насли бўлмагай ҳариф,
Меҳру инсоф уст бўлгаю кинлар ост бўлгай.
Олқиш сенга одамизод, эй зоти шариф,
Инсонликка қайтган кунинг, шояд, рост бўлгай.
1988


* * *

Кажфеъл, кажрафторлар тарбиясига
Каждумлар қисмати ибратдир аён.
Жаҳолат авжида ўз миясига
Ниш уриб қўяди баъзида чаён.
1988


ҚАРСАК ҲАҚИДАГИ ШЕЪРГА ЖАВОБ

Мен шеър ёзсам,
Ўқисам уни,
Тинглаганлар қарсак чалмаса.
Бирор кимса бирор сўзини
Ёдида ҳам сақлаб қолмаса.

Фақат биттагина бўз ўғлон
Уйга қайтгач, йиғласа тўлиб.
Йиғлаб-йиғлаб тонг бўзарган он
Уйғонса у Алпомиш бўлиб.
1988


ҚАЛИН ПУЛИ

Қалин пули — уч минг. Минг — кизи учун,
Яна минг — сандири, кийгизи учун.
Хўш, яна минг нега? Ҳар лаҳза сенга
Санчиб турадиган бигизи учун.
1988
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:31:49 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #4 : 27 Fevral 2010, 15:17:37 »
- РУҲЛАР ИСЁНИ -

Шоир бўлсанг,
Бўлсин қалбинг
Элга қурбон бўлгулик.
Шоир бўлсанг,
Бўлсин халқинг
Сенга қалқон бўлгудек.


РУҲЛАР ИСЁНИ

Достон

МУҚАДДИМА

Туғилгансан озод, мудом
Озод бўлиб қол!
Назрул ИСЛОМ

Бу дунёнинг
Қувончи кам,
Дарду ғами — зиёда,
Аммо ғамдан қочмоқнинг ҳам
Тадбири кўп дунёда.
Кимнинг дилдош
Бор улфати,
Дардин унга тўкади.
Ёлғизларнинг бор кулфати
Дил тубига чўкади.
Ким нажотни сокин туннинг
Уйқусидан сўрайди.
Ким рамини
Никотиннинг —
Тутунига ўрайди.
Дил заҳмига малҳам топар
Ким ҳабиб,
Ким табибдан.
Ким қочмоққа айлар сафар
Ғам аталган рақибдан.
Гар буларнинг
Йўқ имкони,
Сўнгги чора этмоқ бор.
Кулфат тўла бу дунёни
Шартта ташлаб кетмоқ бор.
Лек оламда бир дард борки,
Унга сира нажот йўқ.
Бу азобга ким дучорки,
Унга кун йўқ,
Ҳаёт йўқ.
Бу машаққат
Ичган билан
Дил тубига чўкмайди.
Уни ҳеч ким юрагидан
Ҳеч кимсага
Тўкмайди.
Халос этмас битта арқон,
Нуқта қўймас
Битта ўқ.
Чидамоққа йўқдир имкон,
Қочмоққа ҳам
Чора йўқ.
У жон билан кетса дилдан,
Сукут қолса юрақда,
Одамзоднинг
Руҳи билан
Яшайберар фалакда.
Бу - шоирнинг дилин эзган
Истибдоднинг дардидир.
Юракдан қон бўлиб сизган
Истеъдоднинг дардидир.
Тўлғорида бу аламнинг
Танҳо ингроқ — хониш бор.
Абадият
Жаханнамнинг
Оташида ёниш бор.

АБАДИЯТ ХЛҚИДА РИВОЯТ

Ровий айтар:
Аллазамон —
Аллакайси маъвода
Фалокатга учраб карвон
Поёни йўқ саҳрода,
Бу ногаҳон
Тасодифдан
Барча ўтиб дунёдан,
Шу тасодиф амри билан
Омон қолди
Бир одам.
Белбоғига осганича
Қуруқ кўза — сувдонни,
Кезди неча
Кундуз, кеча
Бу дашти бепоённи.
Кеза-кеза охир толди,
Умид узди жонидан.
Бир пайт ногоҳ чиқиб колди
Бир чашманинг ёнидан.
Йиқилганча сувга беҳол
Лаб чўзганда ташна тан,
Тўлқинланди
бирдан зилол,
Садо чикди чашмадан:
«Шошма, йўлчи,
Ичурсан, бас,
Муздек, тиниқ, тўламан.
Аммо билки,
Оддий сувмас,
Обиҳаёт бўламан.
Азоб чекдинг кўп саҳрода,
Майли,
Тўйиб ичиб ол.
Мени ичган бу дунёда
Мангу яшар безавол.
Ол, ич,
Яша даврон суриб
Абадий бу даҳр аро,
Аммо
Мени ичмай туриб
Фикр қилгин аввало.
Ҳаётга-ку,
тўймас кўзинг,
Яшайсанми умрбод?
Мангу ҳаёт учун ўзинг
Ярайсанми,
Одамзод?
Мангулик дер одам насли,
Лек инсоний тафаккур —
Абадият надир асли,
Қила олмас тасаввур».
Йўлчи ҳайрон,
Йўлчи сергак,
Бу қандайин чашмадир?
Ичай деса — чўчир юрак,
Ичмай деса — ташнадир.
Узоқ-узоқ
Ўйга толди,
Сув лабида ўлтириб.
Охир
Обиҳаёт олди
Кўзасига тўлдириб,
Ўйлай-ўйлай нари кетди —
Ул сеҳрли булоқдан.
Ногоҳ
Хазин сас эшитди —
Садо келди йирокдан.
Борди,
Э, воҳ, ётар бир бош
Қум устида бенажот.
Нола чекар,
Тўкар кўзёш,
«Лаънат, дейди, — эй, ҳаёт!
Ўша сувдан ичдим нега
Афсус!» деру ўкинар.
Йўлчига у:
— Раҳм эт менга,
Ўлдир, — дея ўтинар.
Минг йил аввал
Шу булоқдан
Сув ичганман, чўмганман.
Яшайвериб,
Бу қийноқдан
Ўзни қумга кўмганман.
Умр кўрдим ҳаддан бисёр,
Ҳеч тоқатим қолмади.
Ер юзида
Менинг бирор —
Ҳамсуҳбатим қолмади.
Азоб борми
Бундан улуғ,
Даҳшат борми зиёда?
Менга ерда тириклик йўқ,
Ўлим ҳам йўқ дунёда.
Йўлчи бокди
Ҳайратда лол
Тирик инсон қабрига,
Сўнгра қумга чўкди беҳол,
Раҳмат айтди сабрига.
Ўз ҳолига минг шукр этди,
Йиғиб сўнгги саботни —
Қум устига
Тўкиб кетди
Йўлчи обиҳаётни.
Йўлчи кетди
Бўлиб холи
Мангуликнинг рамидан.
Тотиб қолди
Чўл ниҳоли
Обиҳаёт намидан.
Илдизига унинг алҳол
Томчи етди,
Шу фақат,
Йиллар ўтиб, ўша ниҳол
Чинор бўлди оқибат.
Шундан чинор
Узоқ яшар,
Шундан чайир танлари.
Мангулиқдан кечиб башар
Фоний умр танлади.
Кел, эй кўнглим,
Бизнинг ҳаёт
Эмас экан жовидон,
Бу дунёда изла нашот,
Яша фақат шодумон.
Бу ҳаётнинг ярми роҳат,
Ярми ғамдир, шукр қил.
Умринг узун бўлса — раҳмат,
Агар камдир,
Шукр қил.
Шу офтобу
Минг бир оҳанг,
Минг бир рангли бу дунё
Сеникидир,
Ҳаёт эсанг,
Ҳаёт эсаиг аввало.
Ҳам шавқ билан,
Ҳам дард билан
Ўтар экан бу дамлар.
Омон бўлсин
Сен англаган,
Сени англар одамлар.

Биринчи фасл

ШОИР ҚАЛБИ

Тун билан кун,
Ўт билан сув
Бир-бирига золимдир.
Коинотда
Азал,
Мангу
Исён руҳи ҳокимдир.
Замин узра қор қуюнин
Ёғдирганда чарх-фалак,
Қиш қаҳрига эгмай бўйин,
Исён қилар
Бойчечак.
Қора булут зулумотга
Чулғаганда самони,
Чақмоқ — нурсиз бу ҳаётга
Ёруғликнинг исёни.
Туғиларкан, дод дер гўдак,
Кўкси тўла фиғондир.
Жажжи мушти
Нақ ғунчадек,
Бу — ўлимга исёндир.
Қаро қилган
Кўк дафтарин
Қоронғулик қасдига
Тонг йиғади нур лашкарин
Шафақ туғи остига.
Еру уммон,
Буржлар аро
Гоҳи ошкор, гоҳ пинҳон,
Ибтидодан то интиҳо
Ҳукм сурар ғалаён.
Собир инсон юрагида
Қаноатки барқарор,
Коса янглиғ
Сабр тагида
Оташ янглиғ Исён бор.
Куй, ғазали одамзоднинг
Дарддир, эзгу армондир.
Яралишдан,
Истеъдоднинг —
Табиати — исёндир.
Шоир юрак —
Пок тилаги,
Имонидир башарнинг.
Армон тўла юракдаги
Исёнидир башарнинг.

* * *

Назрул Ислом
Бу дунёга
Шоир бўлиб туғилди.
Илҳом отли пок зиёга
Гўдак қалби йўғрилди.
Нигоҳидан
Сеҳрли нур
Борлиққа нур таради.
Коинотга у таҳайюр
Кўзи билан қаради.
Тунлар унга берди хаёл,
Шавқ атади кундузлар.
Гуллар ғазал айтди хушҳол,
Эртак айтди
Юлдузлар.
Улғайди у,
Ўсмир бўлди,
Етди йигит ёшига.
Ишқ отли қуш келиб қўнди
Ёш шоирнинг бошига.
У ҳам ёнди бағри кабоб,
Ҳамочилди чун баҳор.
Ҳижрон берди тотли азоб,
Висол этди бахтиёр.
Гоҳ шодлик,
Гоҳ аламидан
Дил чашмаси очилди.
Унинг ҳассос қаламидан
Ишқий байтлар сочилди.
Бу дунёга
Назрул Ислом
Шоир бўлиб туғилди.
Ибтидодан ёниқ илҳом
Шуъласига йўррилди.
Етти аср аввалгидек
Бўлса эди замонлар,
Балки
Хусрав Деҳлавийдек
Битар эди достонлар.
Туғилсайди
Шоир агар
Ярим минг йил илгари,
Битар эди рубоийлар
Мирзо Бобур сингари.
Агар
Неча замон ўтиб
Келмаса бу давронлар,
Бедилона ғазал битиб
Тузар эди девонлар.
Ўзга эди аммо фурсат,
Ўзга эди эл дарди.
Замон унинг
Ёниб турган
Юрагини сўрарди.

* * *

Шоирни у туғилмасдан
Гадо қилган эдилар.
Ўз юртида
Ўз юртидан
Жудо қилган эдилар.
Ўраб унинг нақ юракдек
Она Ҳиндистонини,
Зобитлар оқ ўргимчакдек
Сўрардилар қонини.
Бир томонда,
Ёвни эмас,
Бир-бирини беомон —
Сўяр эди тақводан маст
Ҳинду билан мусулмон.
Бир томонда
На уй кўриб,
На бир тўшак, оч, хароб,
Кўчаларда ҳаёт қуриб,
Ўлимтопган беҳисоб.
Ганга оқар кўзёш бўлиб,
Жамуна лим бўлиб қон.
Бори бутун бардош бўлиб
Нажот кутар
Ҳиндистон.

* * *

Ҳар нечаким зўр истеъдод,
Тошқин илҳом,
У нега,
Халқинг ётса чекиб фарёд,
Ярамасанг кунига.
Шоир эсанг,
Шоир бўлиб
Нега келдинг ҳаётга,
Элинг ётса дардга тўлиб,
Келолмасанг нажотга?!
Не шоирсан,
Ташбиҳларнинг
Борми асли кераги,
Бўлмаса эл ғами — дардинг,
Юрагинг — эл юраги?!
Назрул Ислом
Ҳинд халқининг
Зардобини ютарди.
Назрул Ислом
Ўз қалбини
Байроқ қилиб кўтарди.
Юрагида то сўнгги дам
Исён ўти сўнмади.
Ҳақсизликка кўнди олам,
Аммо шоир кўнмади.
Кўргилик бу, деди ҳинду,
Тақдир, деди мусулмон.
Лекин
Зўрлар зулмига у
Тан бермади ҳеч қачон.
Ўзни ўтга отди аниқ,
Жони борки, курашди.
Умри унинг
Мангу ёниқ
Қўшиқларга туташди.

ИСЁН ҚЎШИҒИ

«Сўйла, инсон,
Сўйла, қаддинг
Кўтариб баланд.
Юксаклиқда сенинг қадринг
Ҳимолай монанд.
Сўйла,
Сенинг пойингдадир
Бу улур замин.
Сўйла, отиб золимаср
Дарду аламин.
Сен ўтмишни супургувчи
Кучли бўронсан,
Осмонларга от сургувчи
Соҳибқиронсан.
Сен чақмоқсан,
Қаро зулмат
Бағрини ёққан.
Сен Индрасан,
Кўкда исмат
Чироғин ёққан.
Сев Шивасан, коинотни
Барбод қилгувчи.
Сен Гангасан, бу ҳаётни
Обод қилгувчи.
Сен — Дурганинг тош юраги,
Шафқат билмайсан.
Сен — Кришна қўлидаги
Куйлаган найсан.
Измингдадир чексиз фазо,
Замину замон,
Бу оламга эга танҳо
Ўзингсан, инсон!
Тангриларни то осмон
Кўтарган ҳам сен,
Сажда қилган,
Яна исён
Кўтарган ҳам сен.
Ҳам шафқату
Беозорлик
Яшар қонингда.
Ҳамфидоий исёнкорлик
Ёнар жонингда.
Сўйла, инсон,
Сўйла, қаддинг кўтариб баланд.
Юксакликда сенинг қадринг
Ҳимолай монанд.
Қуллик сенга кўп малолдир,
Аммо не учун
Бошинг эгик,
Тилинг лолдир,
Қоматинг забун?
Тангриларга бўйсунмаган,
Бермаган бардош,
Бандасига бугун нега
Эгадирсан бош?
Сабабкорми ёлриз тақдир
Ҳолингга санинг?
Биласанми, дўстинг кимдир,
Кимдир душманинг?
Асрий ғафлат етар энди,
Эй, мазлум инсон!
Уйғонмоқнинг вақти келди,
Бош кўтар, уйғон!
Бош кўтаргил,
Минг йил тўккан
Кўз дуринг ҳаққи.
Қўзғал,
Асрий қуллик буккан
Ғуруринг ҳаққи.
Қўзғал,
Буюк Тожмаҳалнинг
Шукуҳи учун.
Қўзғал,
Улуғ боболарнинг
Пок руҳи учун.
Эрк бонгин ур,
Сен интиқом —
Таблин баланд чол.
Туғилгансан озод, мудом
Озод бўлиб қол».

* * *

Исён шеъри
Мушоира —
Минбаридан янгради.
Ким деди:
Бу шеърмас сира,
Ким дилидан англади.
Юрт оғзида бу шеър баҳси,
Эл тилида баҳоси,
«Қани шеърда гуллар рақси?
Қани булбул навоси?»
«Бу шеър
Шарққа хосдир, наҳот?
На ишқий, на риндона...
Бундай ашъор Саъдийга ёт,
Ҳофиз учун бегона».
«Ул кун Будда:
Мард агар сен
Дардни ичга ют, деган.
Ул юзингга урсалар сен,
Бул юзингни тут, деган».
У дунёда бахтинг таъмин
Бу дунёда чексанг ғам».
Шундай дея берган таълим
Ул...
Устоди мукаррам.
Маломатга қолди энди
Шоир битиб ҳақ достон.
Ҳинду уни «жобон» деди,
«Кофир» деди мусулмон.
«Бу исённи, бу нифоқни
Чиқармоқ не зоҳирга.
Сиёсат-ла ўйнашмоқни
Ким қўйибди шоирга».
«У ҳали ёш,
Ҳали гўдак,
Зарра парво этмайди.
Эс-ҳуши йўқ ҳайиққудак,
Жон қадрига етмайди».
«Ҳа, зулмбор,
Ҳақсизлик бор,
Барчага бу аёндир.
Аммо буни зинҳор-зинҳор
Айтиб бўлмас замондир».
«Ҳамма билар,
Инсон эркин —
Яшаши шарт пойидор.
Биз ҳам айтсак бўлар, лекин
Уйда бола-чақа бор...»

ФИДОЙИЛИК ТЎҒРИСИДА РИВОЯТ

Қадим замон,
Аёл дини
Фидойилик, деганлар.
Эри ўлса, хотинини
Қўшиб кўмар эканлар.
Ўтиб неча авлод умри,
Ўтиб чексиз кўп замон,
Ҳеч бир давр
Бу удумни
Қилолмади қатағон.
Даҳшат эди бу чинакам,
Билар эди одамлар.
Лек одатга қарши не ҳам
Қилар эди одамлар?
Ҳам ота,
Ҳам онаизор
Гўрга кириб баробар,
Қола берди чирқираб зор
Бола-чақа
Дарбадар.
Асли ўша замонда ҳам
Донишмандлар бор эди.
Лекин улар ичра мард кам,
Кўп — эҳтиёткор эди.
Бош кўтармас эрлар,
Исён —
Аёллар ҳам қилмасди.
(Чунки улар эри қачон
Ўлишини билмасди.)
Ўтиб кетди
Минг йил фурсат,
Қарши қудрат йўқ эди.
Кимда шафқат,
Кимда ҳиммат,
Кимда журъат йўқ эди.
Бир кун
Жангга кета туриб
Бош кўтарди бир ўғлон.
От бошини шартта буриб,
Елди тикка
Шоҳ томон.
Деди:
«Эй, шоҳ!
Олдимда бор
Ё ҳаёту, ё ўлим.
Қолаётир рафиқам зор,
Қизалоғим ва ўғлим.
Агар мен бу жангда ўлсам,
Содиқ қолиб удумга,
Фарзандларимонасин ҳам
Ҳукм этарсан ўлимга.
Мен-ку,
Улар эрки дея
Жангга кетаётирман.
Фарзандларим меҳри дея
Фидойиман, ботирман.
Ўлсам,
Улар онадан ҳам
Етим қолса баногоҳ,
Вайрон бўлсин чархи олам!
Бу не ваҳшат!
Эшит, шоҳ!
Боқийси йўқ ҳеч одамнинг,
Биз кетармиз тамомий.
Аммо аёл —
Бу оламнинг
Келажаги, давоми.
Шу-чун, ўлсам, куним битиб,
Васиятим шу бўлсин:
Ёрим эмас,
Ҳамроҳ этиб
Жанг қуролим кўмилсин».
Бу сўз
Мисли очиқ кунда
Бўлди момогулдирак.
Келтирдилар
Болта...
Кунда...
Бас,
Тафсилот не керак...
Бечоранинг очиқ колган
Кўзларини юмдилар.
Мозорига
Ўзи билан
Қиличини кўмдилар.
Бўлсин дея тавки лаънат,
Авлодларга таълимот,
Қабри узра
Ёздилар хат:
«Бунда ётар манфур зот!
Кўринг бу кас ҳолатини,
Ётар мисли хору хас,
Боболарнинг одатини
У билмади мукаддас.
Ҳис қилмади
У юракдан —
Аёл учун дунёда
Эри билан кўмилмакдан
Саодат йўқ зиёда!»
Қурбон бўлди
Бир мард йигит,
Қолди тавқи лаънатга.
Лекин илк бор ҳукм ўқилди
Ул кун машъум одатга.
Кел, эй кўнглим,
Инсон асло
Яралмаган сабрга.
Сиғинайлик ўша танҳо
Таҳқирланган қабрга.
Ҳақ учун
Бош тутган тикка
Мардлар руҳи ёр бўлсин.
Бу дунёда ноҳақликка
Кўнмаганлар бор бўлсин.
Зўрлик кўрсанг,
Қилма тоқат,
Ҳар бошда бир ўлим бор.
Фидойилар умри факат
Бу дунёда пойидор!


Иккинчи фасл

ҒАЛАЁН

Калькутта, 1926 йил

Калькуттани
Қучди ғулу,
Бош кўтарди оломон.
Қутлуғ жанг, деб турди ҳинду,
Ғазот, деди мусулмон.
Бараҳманлар довул қокди,
Фатво берди
Имомлар.
Кўча тўлиб қонлар оқди
Тўқнашганда имонлар.
Фарзандидан она айру,
Отасидан — қиз, ўғлон,
Будда ҳаққи,
Бос, дер ҳинду,
Алқасос, дер мусулмон.
Ҳинду иши таҳқир бўлди,
Муслимиши — таҳдидлар.
Бутхоналар вайрон бўлди,
Яксон бўлди
Масжидлар.
Рикшами бу, соҳибми бу,
Гадоми ё зодагон —
Фарқсиз,
Фақат —
Бир ён ҳинду,
Бир ён эса — мусулмон.
Сиртга чиқди
Асрлик кин
Ва минг йиллик кудурат.
Икки жондош эл аро дин
Яна солди адоват.
Аслида-ку
Ҳаёт оғу,
Турмуш ўзи — зимистон.
Айбдор эмас бунга ҳинду,
Гуноҳкормас мусулмон.
Аслида-ку...
Беизтироб
Ҳўплаб қора қаҳвони,
Деразадан оқ тан жаноб
Кузатар можарони.
У кўп хурсанд,
Лабда кулгу,
Кўзи чақнар комирон.
Мусулмонни янчар ҳинду,
Ҳиндни эса мусулмон.
Жаноб шодон,
Ушалмоқда
Ниятнинг энг улуғи.
Ҳосил берди шу тупрокда
Эккан нифоқ уруғи.
Бўлмасин, деб қилар орзу,
Бу низога ҳеч поён.
Майли,
Кўпроқ ўлсин ҳинду,
Кўп қирилсин мусулмон.
Назрул Ислом
Оломонга
Қаради-ю оҳ чекиб —
Ўзни отди тик майдонга
Ёқасини чок этиб.
Фарёд қилди:
«Не ваҳшат бу,
Бас, ҳалойиқ!
Ал-омон!
Қотилликни тўхтат, ҳинду,
Ғазотни қўй, мусулмон —
Бизлар ахир
Биродармиз,
Фарзанд Одам Атога!
Ҳақ олдида баробармиз,
Айтинг,
Не бор низога!
Хунрезлик қил демаган-ку
Ахир Веда
Ва Қуръон!
Тиғ уради нега ҳинду,
Бош кесади мусулмон?
Фарқ — ким меҳроб, кимса бутга
Сиғиниб бош қўядир.
Шу фарқ учун
Ёқиб ўтга
Эл бир-бирин сўядир.
Бас, адоват!
Бас, энди кин,
Жангни қўйинг, одамлар!
Сизнинг асли ёвингиз ким —
Билиб қўйинг,
Одамлар!
Улар
Узоқ юртдан келиб,
Ерга букиб шонимиз,
Бизни бизга
Душман килиб,
Сўрмоқдалар қонимиз.
Босқинчининг
Қадимданоқ —
Фалсафаси аёндир.
Эл ичида бўлса нифоқ,
Демак, золим омондир.
Улар
Мазлум ватанида
Бўлмасин дер собитлар.
Жаҳолатнинг гулханида
Исинади зобитлар.
Элдан омад кетса, дастлаб
Ҳамжиҳатлик йўқолгай.
Бундай элни,
Сиртмоқ ташлаб,
Ҳар боскинчи йиқолгай.
Бу адоват
Наҳот, мангу?
Наҳот, битмас бу кирон?
Дўст бўлолмас
Наҳот, ҳинду —
Жигарига мусулмон?
Сен ҳиндмисан,
Муслимми ё,
Бирлик чоғи бу чоқдир.
Босқинчини энг аввало
Ҳинд баҳрига улоқтир.
Сўнг ушалгай
Барча орзу,
Яшар озод, тинч, омон
Ватанида эга ҳинду,
Юртида бек — мусулмон».

* * *

Шоир айтган сўзларин мен
Ундоқ баён килмадим.
Ўшал ёниқ нафасга тенг
Сўзлар топа билмадим.
Таржима не?
Асл шеърнинг
Маъносию ғояси.
Аммо ул ўт, ул сеҳрнинг
Фақатгина сояси.
Назрул Ислом
Банголага
Машҳур бўлди ногаҳон.
Алангали бу нолага
Қулоқ тутди
Ҳиндистон.
Кекса Токур шукр айтди шод,
Оқ соқолин силади.
Ёш шоирга
Нурли ижод,
Безаволлик тилади.
Бу дунёга
Шоир аммо
Олов бўлиб келганди.
Ўз ўтида ёниб адо —
Бўлишини билганди.
Асролди на халқ, на Токур,
У сиғмади замонга.
Исёнкорлик
Уни охир
Олиб келди зиндонга.

* * *

Шоир бўлсанг,
Бўлсин қалбинг
Элга қурбон бўлгудек.
Шоир бўлсанг,
Бўлсин халқинг
Сенга қалқон бўлгудек.
Шоир бўлсанг,
Сени элинг
Қалби билан тингласа.
Ёд олмаса ҳамки шеъринг,
Фидолигинг англаса.
Шоир бўлсанг,
Юртда яша
Меники деб айтгулик.
Жаннат юртдан кечиб ўша
Харобага қайтгулик.
Шоир бўлсанг,
Қаламингни
Найза қилиб тутолсанг.
Юракдаги аламингни
Оқ қорозга тўколсанг.
Шоир бўлсанг,
Қалб чироғинг
Ёниб турса то абад.
Бу дунёдан
Кетар чоғинг
Йиғлаб қолса шеърият.
Ўз бағрига олса қучиб
Сени она маконинг...
Гар шу бахтлар бўлса насиб
Йўқ дунёда армонинг.

* * *

Назрул Ислом бўлди маҳбус,
Тунда уйдан олдилар.
Эл кўзидан узоқ, махсус
Бир хонага солдилар.
Иши қизиқ бу жаҳоннинг,
Ҳакамлар ҳукм этдилар:
Шоирни ул ғалаённинг
Сабабкори, дедилар.
Айбномани тингланг, ҳатто —
Фарёд қилар тошлар ҳам,
«Ҳинду билан муслим аро
Қутқу солган — шул одам!»
Олис юртдан келган биров
Айб қўйди беандиша!
«Назрул Ислом —
Халқига ёв,
Нифоқ истар ҳамиша».
Бу дунёда
Бор қабоҳат,
Бу дунёда бор ёлғон.
Аммо бундай
Ёвуз туҳмат
Бўлмаганди ҳеч қачон.
Назрул Ислом номи охир
Минг балога тақалди.
Эл учун
Жон тиккан шоир
Эл душмани аталди.
Хукм ўқилди.
Бош эгиб у
Аста борар ҳибс томон.
Ажаб!
Соқчи — бир ён ҳинду,
Бир ён эса мусулмон.
Уни туртар мусулмон ҳам,
Силталар ҳинд ҳаволдор.
— Қирпичокда ўлди акам,
Сенда экан айб, мурдор!
— Кўп азоблар чекди ҳинду,
Кўп қон тўкди мусулмон.
Сен кабилар йўқолса-ку,
Яшар эдик
Тинч, омон...
Аста қадам ташлар маҳбус
Ўйларидан огоҳ йўқ.
Соқчилар не билар,
Афсус,
Жаҳолатда гуноҳ йўқ.

ЖАҲОЛАТ ТЎҒРИСИДА РИВОЯТ

Алқиссаким,
Жуда қадим
Жаҳолатлик замонда
Бир донишманд улуғ ҳаким
Ўтган экан жаҳонда.
У кун бўйи
Гиёҳ териб
Кезиб тоғу биёбон,
Одамларга шифо бериб
Яшар экан
Шодумон.
Унга минг бир мушкул дарднинг
Аён бўлиб давоси,
Бора-бора
Одамларнинг
Ортаверди ихлоси.
Табобатга
Қалбан, руҳан
Фидо қилиб ўзини,
Ҳатто бир кун
Наштар билан
Очмиш
кўрнинг кўзини.
Ривож топмиш
Соҳиб ҳикмат,
Дониш,
Меҳнат мададкор.
Аммо
Қайда бўлса шуҳрат,
Ёнбошида
Ҳасад бор.
Дуохонлар, парихонлар,
Ўқувчилар чилёсин...
Хуллас,
Юртда бор нодонлар
Бошладилар иғвосин.
Тинмай
Кечаю кундузи
Топиб китоб сўзидан,
Дедилар:
«Дард берган —
Ўзи!
Давоси ҳам
Ўзидан!
Бандасига бермак дору
Яратганга исёндир.
Демак,
Ҳакимиши макру
Унинг ўзи
Шайтондир».
Бу сўзларни чин, деб билди
Нодон, жоҳил оломон.
Донишмандни сазо қилди,
Калтаклади
Беомон.
Чўр темирда
Кўксин доғлаб,
Дорга осмоқ бўлдилар.
Сўнг бўйнига харсанг боғлаб
Сувга босмоқ бўлдилар.
Кейин
Сувни, арқонни ҳам
Ҳайф билдилар
«шайтон»га,
Ёқинг, — деди
Энг бош ҳакам, —
Олиб чиқиб майдонга!»
Кенг майдонга
Кўмиб устун,
Боғладилар ҳакимни.
Сўнг темирни ўтга қўйиб,
Доғладилар ҳакимни.
Буюрдилар:
«Ёқинг шитоб,
Азозилнинг ошнасин.
Керак бўлса
Кимга савоб,
Чўп келтириб ташласин».
Савоб учун
Биров ўтин,
Биров ташлар дона хас.
Ҳаким бошин баланд тутиб
Жоҳил элга қарамас.
Бир пайт
Гулхан сари бир чол
Аста кела бошлади.
Қучоғида
Бир боғ похол,
Ғарам узра ташлади.
Деди:
«Асли туғилгандан
Басир эдим мен ўзим.
Сен жодунинг тиғи билан
Очиб қўйдинг кўр кўзим.
Тангри билиб
Яратган кўр,
Даво қилдинг не учун?
Охират мен — манглайи шўр —
Нима дейман
Сўроқ кун?
Ҳақ йўлидан озган одам,
Кўзим очиб, не бердинг?
Мени бир йўл
У дунё ҳам —
Бу дунёдан айирдинг.
Кўрлигимда
Бу оламни
Тасаввурда кўрардим.
Дунёдаги бор одамни
Мушфик билиб юрардим.
Шафкат ила
Ким нону ким
Чақа ташлаб кетарди.
Мен ҳам шунга кўнган эдим,
Менга шу ҳам етарди.
Қорним тўйса —
Саодатим,
Йўк туман хил тилаклар.
Ҳамсуҳбатим,
Ҳам улфатим
Жажжи ширин гўдаклар...
Ўйлар эдим дунёда бор
Мусаффолик,
Соддалик.
Кўзим очиб
Кўрдим илк бор
Бераҳмлик,
Сохталик.
Ўғрилигу фаҳшни кўриб
Жим юраркан одамлар.
Ўз дўстига
Кулиб туриб,
Тиғ ураркан одамлар.
Бир ёнда айш
Кўкка чирмаш.
Бир ёнда, боқ, оҳу воҳ...
Букун менинг кўнглимда ғаш,
Имонимда — иштибоҳ.
Дердим:
Юртни бир бор кўрсам.
Кўрдим.
Орзум тўқ энди.
Йўлда ётган хасчалик ҳам
Эътиборим йўқ энди.
Бу дунёдан тўйдим охир,
Адо бўлсам майлига.
Ё қайтадан,
Ўша басир,
Гадо бўлсам майлига!»
Бу сўзларни
Эшитди-ю
Фарёд қилди донишманд.
«Ёқинг, — дея сўради у, —
Олов бўлсин сарбаланд.
Тезроқ кетай
Бу дунёдан,
Ҳеч тоқатим қолмади.
Мендан шифо олди одам,
Олам — шифо олмади.
Хурофотнинг заҳри теккан
Нодон, жоҳил, гумроҳлар —
Давосига ожиз экан
Мен кашф этган гиёҳлар.
Кўр кўзларга
Меҳргиёдек
Нур бахш этди наштарим.
Қалблар кўзин очмоққа лек
Камлик қилди
Ҳунарим.
Одамларга мен яхшилик —
Қилмоқ бўлдим,
Нетайин,
Манглайда шу экан битик,
Ёқинг,
Куйиб кетайин!»
Ўт қўйдилар.
Ёнди гулхан.
Қаро бўлди самовот.
Жаҳолатнинг ҳукми билан
Қурбон бўлди
Буюк зот.
Гулхан ёнди
Кўкка ўрлаб.
Чўғи ҳар ён сочилди.
Шу оловдан
Элнинг, ажаб,
Ақл кўзи очилди.
Ўкиндилар,
Аза тутиб
Йиғладилар, куйдилар.
Донишмандга
Йиллар ўтиб
Олтин ҳайкал қўйдилар.
Э, воҳ,
Олим кўзи билан
Кўрсайди бу ҳурматни...
Аммо
Ҳаким ўзи билан
Олиб кетди ҳикматни.
Қўй, эй кўнглим,
Сен ул замон
Даҳшатин кам ўйлагин.
Сенга насиб бўлган даврон
Созин олиб
Куйлагин.
Шукроналик майин ичиб
Яйраб қолгин бир нафас.
Бу оламдан
Бир кун кечиб
Кетувчи бир  биз эмас.
Кел, эй кўнглим,
Кел, муҳаббат,
Шеър завқига қонайлик.
Ўтда ёниш бўлса, фақат —
Ишқ ўтида ёнайлик.
Фақат
Бизга ғаму кадар,
Қайғу-ҳасрат ёт бўлсин.
То биз учун жон берганлар —
Руҳи мангу шод бўлсин.


Учинчи фасл

ТУТҚУНЛИКДА

«Онажоним,
Менга бу кун
Сендан ўзга дилхоҳ йўқ.
Зиндондаман,
Билмам, нечун,
Менда зарра гуноҳ йўқ.
Гуноҳкорман
На оллоҳим,
На виждоним олдида.
Фақатгина...
Бир гуноҳим
Онажоним олдида.
Кечир, онам!
Кўзингда ғам,
Азоб бўлдим жонингда.
Букун байрам,
Мен букун ҳам
Бўлолмадим ёнингда.
Одамлардек
Беозор, тек
Яшаб юрсам нетарди.
Менга толе,
Сенга тинчлик
Балки насиб этарди.
Булбулларга,
Гулларга маст
Ёзсам фақат ғазаллар,
Балки мени
Миршаблармас,
Изларди ёш гўзаллар.
Менга ҳам ёр сокинлигу
Сенинг ҳам йўк бу дардинг;
Мен — уйлик,
Сен — келинлигу
Набиралик бўлардинг.
Оҳ, у йўл берк,
Менда йўқ эрк,
Тирик умрим — афтода.
Не қилайки,
Одамлардек
Яшолмадим дунёда.
Лек кўнглимда нолиш эмас,
Алланечук дилшодлик.
Гарчи жисмим
Банди қафас,
Руҳимда бор озодлик.
Туғилишдан қул эмасман,
Қуллик ёт бу жонимга.
Эрк истаги
Сутинг билан
Кирмиш менинг қонимга.
Мени оташ, гирдобларга
Отган ўшал истагим.
Онажоним,
Азобларга
Қўйди сени юрагим.
Мени кечир,
Фақат сендан
Букун узр сўрайман.
Узр сўраб, умид билан
Хаёлимни ўрайман.
Рози бўлгин,
Гар ўрлонинг
Юрак қўрин асролса.
Бир кун она Ҳиндистоннинг
Хизматига яролса».

* * *

Вақт кам бўлса,
Ундан одам
Улгурганча олади.
Кўп бўлса, не қиларин ҳам
Билолмасдан қолади.
Шоир қайноқ иш қўйнида
Кун ўтганин билмасди.
Нақ бир олам юк бўйнида,
Кеча кундуз тинмасди.
Бўш вақт бермас жарида ҳам
Ноширликнинг иши кўп.
Уйда, элдан нарида ҳам
Тинч йўқ,
Йўқлар киши кўп.
Бир томонда битилмаган
Достонлари беҳисоб.
Бир ён
Кўриб етолмаган
Ётар минг-минг жилд китоб...
Шеър устида ўлтирмоққа
Танҳо бедор кеча бор.
У худодан
Ўй сурмоққа
Вақт сўрарди неча бор.
Мана фурсат,
Хаёл учун.
Ўй сур, кўкка ҳаволан.
Керак бўлса, умринг бутун
Қайта яша хаёлан.
Аммо
Хаёл, ўйдан не наф,
Қўлда қалам бўлмаса,
Юрак очмоқ учун сўйлаб,
Дилдош одам бўлмаса.
Қалам надир,
Бўлса аён
Кетмаслиги бекорга,
Бармоғидан чиқариб қон,
Ёзар эди деворга.
Умид бўлса
Бир кимсанинг
Келишидан садога,
Дилдош надир,
У дил сасин
Етказарди самога.
Аммо бенаф.
Кўз олдида
Фақатгина тош девор.
Хаёл эса... хаёлида
Поёнсиз бир бўшлик бор.

* * *

Назрул Ислом тор зиндоннинг
Туйнугидан карайди.
Кўриб зангор соф осмоннинг —
Бир парчасин,
Яйрайди.
Унда
Эркин қанот коқиб
Қушлар учиб юрибди.
Бунда
Шоир кўкка боқиб
Ҳавас қилиб турибди.
Қушлар билан учай деса,
Қани унинг қаноти?
Бир оламдир
Орзу эса...
Етармикан ҳаёти?
Назрул Ислом
тор зиндоннинг
Туйнугидан қарайди.
У фалақдан
Ҳиндистоннинг
Толеини сўрайди.
«Майлига,
Мен тутқун бўлсам,
Сен озод бўл,
Онажон!
Минг қийноқда
Майли, ўлсам,
Юртим,
бор бўл,
Бўл омон.
Умрим етса,
Меҳринг таянч,
Сени яйраб куйларман,
Бу кун эса,
Мушкул,
аянч
Қисматингни ўйларман.
Неча минг йил
Манглай теринг
Тўкиб ерга,
қолдинг оч.
Сен оламга
Ипак бериб
Ўзинг ўтдинг
ялангоч.
Бебаҳо —
фил суякларинг,
Баҳринг аро —
тўла дур.
Ғаввос қилиб гўдакларинг,
Келгиндилар
оладур.
Юртим,
Битмас матонатинг,
Сен —
мужассам бардошсан.
Фил сингари
Зўр қудратинг,
Фил сингари
Ювошсан.
Она ўлкам,
Бир кун сени
Озод кўргнм келади.
Истибдоднннг занжирини
Барбод кўргим келади.
Кўтарасан
Сен ҳам қаддинг,
Йўл оларсан
эрк сари.
Ҳимолайнинг ортидаги
Озод ватан сннгари».
Назрул Ислом
Зиндонда банд,
У зах ерни қучарди.
Шеъри эса қушлар билан
Осмонларда учарди.
Кенгликлардан ошар эди
Қалб шукуҳи шоирнинг,
Эл дилида
Яшар эди
Исён руҳи шоирнинг.
Ўз умрини қилганди у
Шеъри билан жовидон.
Ўқир эди
Уни ҳинду,
Ёдлар эди
Мусулмон.
Шоир банди, |
Шеъри бироқ
Учар эди бетўсиқ,
Ҳимолайдан ошиб
Узоқ —
Кетган эди бу қўшиқ.
Дунё бўйлаб
Довруқ солди
Назрул Ислом эрк саси... |
Ҳиндистонда эсиб қолди
Озодликнинг нафаси.

* * *

Қийнадилар уни
Узоқ —
Юртдан келган жаноблар.
Синдирмади аммо қийноқ,
Буколмади азоблар.
Умид унга сабот берди,
Ишонч берди
Матонат.
Юрагига қанот берди
Она юртга
Муҳаббат.
Бу кунлар ҳам ўтиб кетар,
Ҳаёт олдда...
Ҳали ёш...
Баъзан...
Хаёл суриб кетар
Тош деворга қўйиб бош.
Ёш кўнглига қилар таъсир
Фалакнинг каж хислати.
Кўз олдидан ўтар бир-бир
Шоирларнинг қисмати.
Бобокалон Рудакий дер:
«Қулоқ солгин сўзимга.
Адолат деб битдиму шеър,
Нил тортдилар
Кўзимга».
Навоий дер:
«Зулмат аро
Кўп изладим йўлимни.
Мен ўзимни қилдим, адо,
Енголмадим зулмни».
Назрул Ислом фарёдига
Ўхшар барин нидоси.
Охир
Шоир кўз олдига
Келар Бобур сиймоси.
Дейди:
— Тингла огоҳ бўлиб,
Гар сен бўлсанг тутқунда,
Мен бир юртга подшоҳ бўлиб,
Умримўтди қувринда.
Ўн иккимда
Тахтга миндим,
Ёш очилди кўзларим.
Қондошларга ёв кўриндим,
Мени сотди дўстларим.
Нажот истаб
Мен ҳар нафас
Қуюн каби елганман.
Юртингга мен
Шоҳ бўлибмас,
Паноҳ излаб келганман.
«Толе йўқи жонима балолиғ бўлди,
Не ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз юртни кўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди».
Шоир бўлиб,
Эл ичида
Руҳимўсди шонимдан.
Шоҳ бўлиб,
Ёв қиличида
Доғлар қолди қонимдан.
Мен шоҳ бўлиб,
Алам билан
Кўрдим жангу
Суронни.
Шоир бўлиб
Қалам билан
Олдим ярим жаҳонни.
Келтирди кўп бало, ситам
Тирикликда тахту тож.
Ярим минг йил сўнгида ҳам
Ёғар менга
Таъна тош.
Ғусса ичра
Ўйлар шоир
Фалакнинг каж хислатин.
Бунча оғир
Этдинг, тақдир,
Шеър аҳлининг қисматин?
Пушкин шеъри
Қилди фарёд,
Ўққа тутди ўт қалбни.
Лермонтовни отган жаллод
Дорга осди
Машрабни.
Шоирларнинг —
Эркдир дини,
Эркка сажда қилдилар.
Эрк куйчиси
Насимийни
Товонидан шилдилар...
Назрул Ислом
Сурар хаёл,
Ўйи адо бўлмайди.
Дер:
Шоирда
бор бир иқбол,
Яъни,
Шоир ўлмайди.

ШОҲИ ЖАҲОН ВА АВРАНГЗЕБ ХАҚИДА РИВОЯТ

Подшо одил бўлмас, деган
Ақидабор —
Ўйлайлик.
Келинг,
шоҳлар золим экан,
Бизлар одил бўлайлик.
Тождорлардан безди дунё,
Кўравериб золимлар.
Шоҳлар аро
Бўлган аммо
Шоирлару олимлар.
Тарих кўп йил таҳқир битар
Чингиз каби жобирга.
Аммо мангу таъзим этар
Улуғбекка,
Бобурга.
Хуллас...
Тахмин, Мирзо Бедил
Тириклиги вақтида
Шоҳи Жаҳон ўттиз бир йил
Ўлтирди Ҳинд тахтида.
Неки қилди —
Ҳақ деб билди,
Билди шуни адолат.
Кимларгадир зулм қилди,
Кимларгадир — саховат.
Ўз даврида даврон сурди,
Ёдласин деб асрлар —
Неча-неча шаҳар қурди,
Шаҳар ичра —
Қасрлар...
Май ҳамичди,
Айш ҳам қилди,
Ғуссасини ўлдирди.
Хазинани зару дилни
Шодлик билан тўлдирди.
Шоҳи Жаҳон жасур, доно,
Кўп ҳикматга ёр эди.
Шоҳнинг аммо
Бир бедаво
Оғир дарди бор эди.
Ҳар комирон одамнинг ҳам
Бўлганидек бир ками,
Шоҳ кўнглига
Гоҳ чўкиб рам,
Қаро эди олами.
Бу ғам — на мулк, на дарди шон
На фарзанд, на ишқ доғи.
Номсиз ғамки,
келар осон,
Қийин эди кетмоғи.
Бундай чоғлар ором берур
На сайру на саёҳат.
Кўзларидан қочарди нур,
Юрагидан ҳаловат.
Зардоб ютиб ғуссасидан,
На суҳбат,
на май талаб —
Улуғ подшо гўшасидан
Чиқмас эди ҳафталаб.
Кўзёш ювар юзларини,
Кўнгли тўла таҳлика...
Шунда
унинг сўзларини
Тинглар эди
малика.
Айтар эди шоҳ ўз дардин
Мумтоз Маҳал хонимга:
«Тўйдим тож-тахт,
Мулк — баридан,
Бари тегди жонимга.
Бу давлат,
Бу шону шавкат
Омонатга ўхшайди.
Вазирларнинг фикри фақат
Хиёнатга ўхшайди.
Барчасининг чўнтагида
Шоҳ қасдига пинҳон ўқ.
Фарзандларим юрагида
Менга зарра меҳр йўқ.
Ҳар бир шарпа
Менга қўрқинч —
Ҳолат бўлиб кўринар.
Умримсўнги —
тўла ўкинч,
Даҳшат бўлиб кўринар.
Бўлмай туриб
Бир фалокат,
Ё бир фитна қурбони,
Тарк этсайдим
Бехосият,
Бевафо бу дунёни».
Шунда гўзал Мумтоз Маҳал
Тинглаб шоҳнинг зорини,
Ўқиб ҳар гал
Битта ғазал,
Овутарди ёрини.
Бедорликда тунлар билан
Уланарди кунлари
Минг бир кеча
Эртак айтган
Шаҳризода сингари.
Зулму фитна,
адоватнинг
Гуноҳлигин ўқирди.
Мангуликка адолатнинг
Ҳамроҳлигин ўқирди.
Ўқир эди одамки бор,
Ўтмоғи бор жаҳондан.
Фақат эзгу ишлар ёдгор
Қолғусидир инсондан.
Юрагига шоҳнинг қанот —
Берар эди разаллар.
Қанот надир —
Қайта ҳаёт
Берар эди ғазаллар.
Лекин шоҳнинг
Қай гуноҳи,
Қай зулмига интиқом —
Бир тонг
кўкка чикди оҳи,
Қўлдан тушиб синди жом.
Воҳ,
ҳеч кимга
йўкдир омон,
Йўқдир омон
ажалдан.
Жудо бўлди Шоҳи Жаҳон —
Қалби Мумтоз Маҳалдан.
Девонага айланди шоҳ,
Дардин элга сўзлади.
Мажруҳ шердек
Тўлғанди гоҳ,
Гоҳ бўтадек
бўзлади...

* * *

Кунлар ўтиб
Шоҳи Жаҳон,
Тенгсиз ҳажр азобида
Қурмоқ учун берди фармон
Маликага обида.
Деди:
«Тикланг, шундай сарой,
Зарни қилманг ҳеч ҳисоб.
Ҳавас қилсин кечалар ой,
Кундузлари — офтоб.
Ер юзида унинг асло
Баробари бўлмасин,
Мумтоз Маҳал номи дунё
Тургунича ўлмасин».
Ишга тушди
Сонсиз асир,
Меъмор,
наққош,
сангтарош.
Занжи қуллар оғоч ташир,
Филлар ташир харсангтош.
Йигирма йил
Йигирма минг
Жон жабридан бир амал —
Мўъжизаси бу оламнинг
Бино бўлди
Тожмаҳал.

* * *

Йигирма йил...
Вақт — бешафқат.
Кўпни кўриб дунёда,
Шоҳ қариди,
Лек алпқомат
Йигит бўлди шаҳзода.
Тилак қилди
Шоҳи Жаҳон:
«Ўғлим фақат шод бўлсин.
Мендаги бул дарди ҳижрон,
Ҳасратларга ёт бўлсин».
Ошно қилди
ўйин, кулгу,
Овга, чолғу,
санъатга.
Хаёлотни қилди мамнуъ,
Ўргатди шавқ,
ғайратга.
Ёвқур,
жасур,
ҳар бир ишга
Қодир қилиб ўстирди.
Тиғ уришга,
ўқ отишга
Моҳир қилиб ўстирди...
Фан бобида имло ила
Шариатдан берди дарс.
Нутқ санъати,
ҳарбий ҳийла,
Сиёсатдан берди дарс.
Лек, раҳмат, деб
Дарслар учун,
Мана ҳарбий найранг, деб,
Отасига қарши бир кун
Исён қилди Аврангзеб.
Шоҳ қўлида қилич синди,
Ниҳоя йўқ армонга.
Отаўғил тахтга минди,
Ота тушди зиндонга.
Деманг,
булар ривоятдир —
Хаёлотда етилган.
Бу шафқатсиз ҳақиқатдир,
Тарихларда битилган...
Вақт етиб
Минг олтмиш тўққиз
Йилнинг шаъбон ойига,
Чўктирдилар отани тиз
Ўз фарзанди пойига.

Аврангзеб

Тақдир экан,
Не дей ўзга,
Фалак ҳукми — адолат.

Шоҳи Жаҳон

Бас,
Ҳожат йўқ ортиқ сўзга,
Содир бўлди хиёнат.
Терс айланди гардуни дун,
Сўзла,
недир муродинг?
Ҳукм — сенинг ҳукминг бу кун,
Вожиб — сенинг ироданг.

Аврангзеб

Аламингга ниҳоя йўқ,
Не тахтапараст одамсан.
Бугун
Сенга ҳимоя йўқ,
Аммо нетай,
отамсан.
Ўйла ўзинг,
Гуноҳ кимда?
Кимдан олдим тарбият?
Сен уйғотдинг юрагимда
Тожу тахтга муҳаббат.
Бу туйғуни бериб, нега
Қаро қилдинг бахтингни?
Сўнг, қариб ҳам
Нечун менга
Бўшатмадинг тахтингни?
Ҳа, ҳа!
Инсон шоҳми, гадо
Одамсутин ичгандир.
Тирикликда қайси подшо
Тожу тахтдан кечгандир?

Шоҳи Жаҳон

Келар бир кун сенга ҳам гал,
Ёшсан,
вақт бор синовга.
Ўзингга ур тиғни аввал,
Оғримаса —
бировга.
Шуҳрат майи ғоят ширин,
Сархуш қилар одамни.
Сен бу тахтга етдинг, лекин
Забун қилиб отангни.
Унутмаки,
Дохил бўлдинг
Тождорликнинг шонига,
Э, воҳ,
бўяб икки қўлинг
Икки оранг қонига.
Бобур насли
тарихида
Бу энг қаро бир варақ.
Билки, инсон тақдирида
«Алқасосул миналҳақ!»

Аврангзеб

«Ҳақдан қасос!»
Аё, Хуррам!
Сен ҳам мендек бўлгансан.
Ўз отангга қарши сен ҳам
Бир вақт исён қилгансан.
Юришмади
Лек омадинг,
Келолмай тахт ёнига,
Қўлларингни бўёлмадинг
Бузрукворинг қонига.

Шоҳи Жаҳон

Кўтарганман исён ростдан,
Макр эмасди у бироқ.
Салтанатни инқироздан
Лозим эди қутқармоқ.
Аён этди вақт —
ким ҳақли,
Кўрди, билди жаҳон ҳам.
Инсон билан инсон фарқли,
Исён билан исён ҳам.

Аврангзеб

Ўз қилмишин
Ҳар бир тождор
Адолат деб айтадир.
Билур ёлғиз парвардигор —
Чин ҳақиқат қайдадир.
Мен — Оллоҳмас,
Не билайин,
Лек қиличим кесган пайт,
Энди сени не қилайин,
Падаримсан,
Ўзинг айт.

Шоҳи Жаҳон

Ажаб,
мени падар дейсан,
Лек меҳр йўқ кўзингда.
Не қилай, деб сўрма мендан,
Ихтиёринг ўзингда,
Лозим кўрсанг қай ажални,
Буюр —
Хоҳ кес,
хоҳи ос.
Илтимосим —
Тожмаҳални
Вайрон қилма,
шу холос.
Ўша мендан ёдгор танҳо.
Уйғоқ руҳим,
Юрагим.
Жонимни ол,
руҳим аммо
Хароб қилма.
Сўрагум...

Аврангзеб

Ваҳшийликка бормас қўлим,
Тожмаҳални бузмасман.
Сўрамагил мендан ўлим,
Ота бошин узмасман.
Падаркушлик шонин асло
Раво кўрмамўзимга
Сен яшарсан
Мендан ризо,
Ризо бўлсанг сўзимга.
Эрта мени подшо қилиб
Кўтарурлар,
келарсан,
Халқ олдида,
Ризоман деб
Мени дуо қиларсан.
Қариб қолдинг,
Тахт ғамин қўй,
Ором гаштин суриб ёт.
Ҳузуримда маслаҳатгўй
Бўлиб қолгин умрбод.

Шоҳи Жаҳон

«Маслаҳатгўй бўлиб қолгин
Ҳузуримда умрбод...»
Сен дунёга келган ул кун
Мен нақадар эдимшод.
Юрганингда атак-чечак,
Минганингда илк бор от,
Келин кўриб,
Сўнгра гўдак...
Мен нақадар эдим шод.
Ўша шодон дамлар нечун
Мен дунёдан ўтмадим.
Ё болангга тўй қилган кун
Сенга аза тутмадим.
Кўзларимга бутун дунё
Ҳеч оқармас тун бу кун.
Сулолангдан,
Бобур мирзо,
Омад кетган кун бу кун,
Э, воҳ,
Ота-фарзанд аро
Кўтарилди оқибат.
Бу — интиҳо!
Чин интиҳо —
Етиб келди оқибат!

* * *

Тарих —
бир минг олтмиш тўққиз
Йилнинг шаъбон ойида
Тож соҳибин
Қилдилар ҳибс
Ўзи суйган жойида.
Яъни аркли саройида —
Шаркда шундай қоида —
Иззат-икром ўз жойида,
Қўш гиламлар пойида.
Фақатгина тахту тож йўқ,
Машварат йўқ,
Девон йўқ.
Хазинага эҳтиёж йўқ,
Чунки қўлда фармон йўқ.
Кеча Ажам, Рум, Хитога
Машҳур бўлган буюк шоҳ,
Қараб ётар кенг дунёга
Тор дарчадан...
Кўкда моҳ
Аста кезар,
Сочар хомуш
Борлиқ узра сиймин ҳал.
Мисли хаёл,
Сеҳри туш,
Мағрур турар Тожмаҳал...

* * *

Эй дил,
Қулоқ бер нидога,
Токи ерда инсон бор,
На подшога,
На гадога
Алқасосдан омон бор.
«Жафо учун,
Вафо учун
Ҳаққин олди Шоҳ Жаҳон.
Бири уни қилди забун,
Бири эса — жовидон.
Ғамли тарих ибрат бўлсин,
Бўлсин сенга намуна...»
Дея, аста, маъюс, сокин
Оқиб ётар Жамуна.


Тўртинчи фасл

ШАРПАЛАР

Инсоният
Минглаб қийноқ —
Ўйлаб топган дунёда.
Бу қийноқлар ичра бироқ
Бириси энг зиёда.
Унга тоқат йўқ инсонда,
Йўқ ундан зўр
Дил доғи.
Бу изтироб —
Тор зиндонда
Танҳоликнинг қийноғи.
Шоир қалбнинг
Дилдоши йўқ,
Қийналади
ёш жони,
Қутулмоқнинг
иложи йўқ,
Йўқ ўлмоқнинг
имкони.
Назрул Ислом
Ўйлаб ётар
Шифтга боқиб
Узун кун.
Неча-неча тонглар отар,
Неча-неча чўкар тун.
Гоҳ
Ажиб бир ҳолат бўлар.
Ҳайрон бўлар
ўзига,
Алланечук
Оқ шарпалар
Кўринади
кўзига.
Улар келиб
Ҳар замонда:
«Етар!
Шоир!
Тур! — дейди. —
Ўлтирма бу
зах зиндонда,
Бизлар билан юр», дейди,
«Йўқ, йўқ», — дея
Тутқун шоир, —
Шарпаларни қувади.
Кўздан оққан
Аччиқ ёши
Юзларини ювади.
Шеър ўйлайди
Назрул Ислом,
Излаб жонга ҳаловат.
Ўйда шеър йўқ,
Дилда илҳом,
Руҳда шавқи синоат.
Наҳот,
Тамом бўлди шоир?
Наҳот, битди саботи?
Наҳот,
Қалбда тугади шеър,
Тугамасдан ҳаёти?
Ахир, унда
Қанча орзу,
Ишқ бор эди,
муддао!
Наҳот тамом
Барчаси...
У
Қилди кўкка
Илтижо:
«Эй, холиқи олам,
Тилагимни қондир,
Умримга бер барҳам,
Вужудимни ёндир.
Ҳолим бир сенга ҳам —
Бир менга аёндир,
Яратибсан одам,
Одамликча қолдир.
Тугади ирода,
Йўқ ўзга дил розим,
Етганим маъвода
Бўлинсин овозим.
Ким, авжи навода
Синдиргил бу созим,
Энг олий фазода
Тугасин парвозим.
Шоирга дунёда
Аслида шу лозим.
Эй, холиқи олам,
Тилагимни қондир,
Умримга бер барҳам,
Вужудимни ёндир.
На жонда ғайратим,
На кўзда ҳайратим,
На дилда алам бор,
На қўлда қалам бор.
На бошда фикратим.
На керак
Сийратим.
Эл учун адоман,
Тугадим тамоман.
Сиғмай кенг жаҳонга,
Сиғдимтор зиндонга.
Эй, ҳолиқи олам,
Тилагимни қондир,
Умримга бер барҳам,
Вужудимни ёндир!»
Назрул Ислом
Қилган нидо
Етди
юксак осмонга.
Олий руҳлар
Уни раво
Кўрмадилар
зиндонга.
Шоир руҳин
Олиб мангу
Кўкка
парвоз этдилар.
Тор зиндонга
Фақат жону
Жисмин ташлаб кетдилар.
Назрул Ислом
Тор катақда
Девонавор турибди.
Руҳи унинг
кенг фалақда
Қанот ёзиб юрибди.

ОЛИЙ РУҲЛАР ТЎҒРИСИДА НАҚЛ

Болалиқда эшитганим
Талай-талай эртакдан —
Хаёлимда бири маним,
Сира чиқмас юрақдан.
Марҳумларнинг руҳи кўқда
Доим учиб юрармиш.
Биз уларни кўрмасак-да,
Улар бизни кўрармиш,
Биз хайрли ишлар қилсак,
Шодон бўлар эмишлар.
Мабодо,
Биз ёмон бўлсак,
Нолон бўлар эмишлар.
Дўст, қариндош —
уруғларнинг
Руҳи — оддий руҳ эмиш.
Лек даҳолар,
Улуғларнинг
Руҳи — олий руҳ эмиш.
Уз аршидан
Улар бизга
Бўлармишлар раҳнамо.
Кўп ишларни дилимизга
Солармишлар доимо.
Йирокда
Дард ичра қолиб
Дўстимиз зор бўлса гар,
Дилимизга ғашлик солиб,
Қилармишлар
Бохабар.
Бизни кундуз
Банд этса иш,
Холи топиб уйқуни,
Улар бизга эслатармиш
Кетганларнинг руҳини.
Шунинг-чун ҳам
Дилимизни —
Кўмармишлар ёрдуга.
Қилармишлар ошно бизни
Меҳр деган туйғуга.
Офат келса
Бизга ногоҳ,
Билгувчи ҳам улармиш.
Фалокатдан бизни огоҳ
Қилғувчи ҳам улармиш.
Аммо
Олий руҳлар фақат —
Пок дилларга ёр эмиш.
Қайда бўлса самимият —
Ўша ерда бор эмиш.
Улар яшар
Биздан ўзга,
Бенамоён ва бесас.
Шарпалари ҳеч бир кўзга,
Ҳеч қулоққа сезилмас.
Улар бизни
Кўриб турар,
Буни сезмас нодонлар.
Улар билан суҳбат курар
Фақат
Буюк инсонлар.
Улар борки — бизлар одам,
Ҳақиқат бор беомон.
Яхшилик ҳам,
Ёмонлик ҳам,
Қайтар бир кун, бегумон.
Биз мабодо,
қилсак гуноҳ,
Ҳар қанчаки хилватда,
Олий руҳлар
Бўлур огоҳ,
Жазо берар албатта.
Лаззат ширин,
Давлат ширин,
Ҳеч тўймаслар одамлар.
Руҳлар борки,
бир-бирларин
Еб қўймаслар одамлар.
Кел, эй кўнглим,
Руҳларни сен,
То борсанки, қилгин ёд.
Кимлар уни виждон десин,
Кимлар десин
Эътиқод.
Аммо улар
Дунёда бор!
Шак келтира кўрмагин.
Мени нопок йўлдан
Зинҳор,
Зинҳор олиб юрмагин.
Ҳатто ўзинг қолсанг ёлғиз,
Дема,
Мендан огоҳ йўқ,
Яшамоқдан эътиқодсиз,
Ортиқ ерда гуноҳ йўқ.


Бешннчи фасл

ОЗОДЛИК

Байроқ қилиб,
Эл қўзғалди —
Назрул Исломисмини.
Тор зиндондан уни олди,
Аммо фақат
Жисмини.
Назрул Ислом
Озод,
Аммо
Эл қаноти қайрилди,
Ёш,
навқирон,
Тирик сиймо —
Шоиридан айрилди.
Назрул Ислом
Шеъри бутун
Ҳиндистонда янграрди.
Аммо шоир
уни бугун
На тинглар,
На англарди.
Шоирини қўймай —
Қўлда —
Эл кўтариб элтарди.
На қувонар
Шоир бундан
Ва на парво этарди.
Бир ёнидан қучар ҳинду,
Бир ёнидан мусулмон.
Аммо
Ҳушдан айрилган у,
Унга ётдир бу жаҳон.
Табриклайди
Уни Токур,
«Озодлигинг муборак!»
Рўзномалар қутлов ёзур.
Булар унга не керак?
У на уйғоқ
Ва на ухлар,
Ҳиссиз боқиб турарди.
Руҳи унинг
Олий руҳлар
Даргоҳида юрарди.
Шоир топди
Эрк чинакам,
Озод бўлди тамоман.
Бир йўл унга дарди олам
Барбод бўлди тамоман.
У бир йўла
Шўришлардан,
Савдолардан қутулди.
Жабру жафо кўришлардан,
Низолардан қутулди.
Қутулди
у сиғолмаган,
Сиғдирмаган жаҳондан,
Холис бўлди
Ҳам зиндондан,
Ҳамзиндондек замондан.
Ҳам тарк этди
Бир йўл уни
Эл дардидек оғир юк.
Бу дунёда
қолди тани,
Беҳуш, беруҳ,
ва буюк.

* * *

Қирқ йил ўтди,
Узоқ қирқ йил.
Бу дунёдан бегона —
Назрул Ислом
Яшар бедил,
Яшар дарвиш,
Девона.
Қирқ йил ичра
Нелар кўриб,
Нелар чекди
Ҳиндистон.
Аммо
кўзи
Очиқ туриб,
Ғофил ўтди
ёниқ жон.
Босқинчилар
Юртдан кетди —
Эл ғазаби
Қуволди.
Шоир
Буни
На ҳис этди,
На кўрди,
На қувонди.
Назрул Ислом
Бу дунёда
Етмиш беш йил
Яшади.
Аммо
Ўттиз икки ёшда
Бу дунёни
Ташлади.
Шоир умри
Қолди шеърда,
Қолди
Ёниқ достонда.
Битганлари
унинг —
ерда,
Руҳи эса —
осмонда.

ЗОҲИДЛАР ВА ОРИФЛАР ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бу минг йиллик ҳикоятдир,
Баён этган қосидлар.
Тарки дунё
Саодатдир,
Деб айтдилар зоҳидлар.
Тирикликда
Улар ўлим
Шаробини тотдилар.
Бу оламдан айру бўлиб,
Ғорга кириб ётдилар.
Аҳли зуҳуд бандаларни
Дарвешликка чорлади.
Лек киймади жандаларни,
Ориф инсон
Бормади.
Зоҳид сўзи:
Кеч жаҳондин,
Тинглагил шайх мақолин.
Ориф сўзи:
Оллоҳ замин
Узра сочган жамолин.
Зоҳид айтди:
Шароб ҳаром,
Осий эрур майпараст.
Лекин шоир Умар Хайём
Ишқ майига бўлди маст.
Зоҳид деди,
Ҳуру ғилмон,
Ориф деди, жонона.
Қайс Лайлининг ишқи билан
Мажнун бўлди девона.
Тун борки,
Тонг бор унга зид,
Сув бордирки — аланга.
Туғилганда
Ерда зоҳид,
Ориф келди оламга.
Ваҳдат майин
Тўла ичиб,
Шавққа тўлди шоирлар.
Зоҳидларга қарши чиқиб,
Ориф бўлди шоирлар.
То дунёга келмиш башар,
Бир жабҳада келиб дуч,
Бирга яшар,
Ҳам курашар
Инсон аро икки куч.
Бошлар бошқа-бошқа йўлдан
Бошқа-бошқа тилаги —
Зоҳид янглиғ ақли билан,
Ориф янглиғ юраги.
Бири тутиб
Айш йўлин берк,
Тийилмоққа ундайди.
Бири эса шалоладек
Қуйилмоққа ундайди.
Мен ҳам битта саргашта жон,
Ўрта йўлда турурман.
Улар аро икки жаҳон
Овораси эрурман.
Шеър, ишқ фаслин
Илк онидан
Раҳнамодир қалб менга.
Балки шеърнинг осмонидан
Тушмоқ чоғи заминга...
Эй кўнгил, бўл содиқ ҳабиб,
Мени зинҳор ташлама.
Ҳабибим бўл, аммо ҳадеб
Ўз кўйингга бошлама.
Ёлғиз маним деса фикрат,
Йўқ, маним, деб даъво қил.
Лекин гоҳи,
Етди фурсат,
Фикратга ҳам ошно кил.
Тутма менга ишқ йўлин берк,
Майли, тошгин, қуйилгин.
Аммо ўзга берма кўп эрк
Қирқни кўрдинг, қуйилгин.
Бас, ўй сурма, сенга дунё —
Асроридан не ғам бор?
Бу дунёда
Одил танҳо
Вақт аталган ҳакам бор!

НИҲОЯТ

Деҳли 20 март, 1979 йил

Ўт балоси,
Сув балоси,
Ортиқ ерда бало йўқ.
Лек офатнинг йўқ давоси —
Бош кўтарса
Халойиқ.
Ўту сувга тадбир бордир,
Эл ғазаби — беомон.
Ўт ночордир,
Сув ночордир
Қўзғалса оч оломон.
Шундай дейман
Тўхтаб қолган
Автобусда ўлтириб.
Намойишга эл қўзғалган,
Кўчаларни тўлдириб
Оқиб келар ялангоёқ —
Деҳқон, косиб, коранда.
Икки юз минг
Қўли қадоқ,
Икки юз минг
Оч банда.
«Беринг бизга ер билан сув,
Меҳнат беринг,
Беринг нон».
Бош кўтарган
Тамилнаду,
Бош кўтарган Ражастон.
«Бу тупрокда,
Айтинг, инсон —
Нега бунча беқадр?
Бизда ҳам бор орзу,
армон,
Гуноҳимиз нимадир?
Ё айбимиз —
Бизнинг маскан —
Шу жафокаш ватанда?
Қаролик ё ўт туташган
Қаро кўзда,
Баданда?
Бировларда ҳар нарса бор,
Бизда эса...
Нега биз —
Фақат чайир,
аммо ночор
Қўлгагина эгамиз?
Яралишда
Ҳам маҳшарда
Тенгмиз,
Инсон бўламиз.
Не учун биз кўчаларда
Туғиламиз,
Ўламиз?
Асли қисмат
ё асирлик,
Изтироб, кўз ёшмиди?
Шарқ чиндан ҳам минг асрлик
Қотиб қолган тошмиди?
Эл оқими қатор-қатор,
Йўқ,
Шашқатор —
кўздан дур.
Оқиб келар
Панжоб,
Биҳор,
Майсур,
Ассом,
Манипур...
Оқиб келар уфқ тагидан
Сўнгсиз қора оломон.
Бу -
Ҳиндистон юрагидан
Силқиб оққан
Қора қон.
Мен бу фурсат
Иштироксиз
Деразадан қарайман,
Не қилайки,
Бунда ёлриз
Томошага ярайман.
Негаки,
Мен ўзга элдан,
Балки ўзга замондан,
Балки бунда учиб келган
Йироқ юлдуз томондан —
Бир меҳмонман.
Ҳайрат кўзин
Машъал қилиб боқаман.
Хаёлан
Шул мавжли тўлқин
Қучоғида оқаман.
Жисман четда,
Аммо руҳан
Ғалаёнда мен ҳам бор.
Назрул Ислом
Руҳи билан
Бормоқдаман бир қатор.
Мен ҳамалвон
Тиғ кўтардим.
Шу эл доғи доғимдир.
Дарди унинг —
Менинг дардим,
Оҳи — менинг оҳимдир.

* * *

Кўтаролмай
Дардлар юкин,
Замин қалқиб турибди.
Назрул Ислом
Руҳи букун
Олам кезиб юрибди.
Илҳом чоғи
Дил заминдан
Кўк тоқига ўрлайди.
Назрул Ислом
Руҳи мендан
Шунда ҳисоб сўрайди.
Шоир бўлиб
Элга букун
Даркормисан,
дер менга.
Фидоликка халқинг учун
Тайёрмисан,
дер менга.
Дер:
«Шоирлик — юракда қон —
Силқиб турган жароҳат.
Тиламасман сенга, ўғлон.
Осуда бахт,
Фароғат.
Тиламасман бир зумором,
То тириксан,
Бедор бўл.
Азоб берсин сенга илҳом,
Шеър дардида бемор бўл.
Тақдирингдан сенга дунё
Роҳатларин сўрмасман.
Ўз қисматим
сенга аммо
Сира раво кўрмасман.
«Сақла, —
дейди, —
юрак қўринг.
Дил оташинг сўнмасин.
Умринг адо бўлмай туриб
Чўғинг адо бўлмасин».
1978-1979
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:32:31 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #5 : 27 Fevral 2010, 15:19:16 »
- ИККИНЧИ ТУМОР -

Баъзан кўзгу уйқу келмаган чоғлар
Кўкка термиламан, қиламан ҳавас.
Йўқ, у осмон тўла юлдузлар эмас,
Инсон ақлидаги ёниқ чироқлар.


ҚАТНАШУВЧИЛАР

МИЗРОБ МАҲМУДИЙ — психолог, 35—36 ёшда
СУНБУЛ — синглиси, 18—19 ёшларда
МУАТТАР — психотерапевт, 25—26 ёшларда
ОДИЛЖОН — радиомухбир, 35—36 ёшларда
МАТМУСА — 22—23 ёшларда

Муқаддима

Кўча. Скамейкада плаш, шляпа кийган, кўзойнак таққан бир одам газета ўқиб ўтирибди. Елкасига репортёр осган ўттиз беш ёшлар чамасидаги радиомухбир унинг ёнига келиб ўтиради.

Радиомухбир — (уф тортиб) Ҳеч бандаи мўмин радиомухбир бўлмасин.

Мисли ишқ даштида Мажнун
Мен сағир куйган бағир,
Чанг ютиб овораман,
Оғзим тахир, елкам яғир.

Газетхон — (газетани қўйиб) Ҳа, нега хуноб бўляпсиз, биродар?
Радиомухбир — Э, нега хуноб бўлмай? Бир ҳафтадан бери битта олимдан интервью ололмайман. Институтга борсам, уйида, уйига борсам лабораторияда, лабораторияга борсам, — балиқ овига кетган.
Газетхон — Ҳа, сизга қийин бўлибди. (Яна юзига газета тутади).
Радиомухбир — Газетада нима янгилик? Яна Мизроб Маҳмудийнинг сеансларини ёзишибдими?
Газетхон — Қизиқасизми? Мана, ўқинг.
Радиомухбир — (Ўқийди) «Маҳмудийнинг психологик сеанслари... Яқинда чет тиллар институтининг кичик залида олим Мизроб Маҳмудий лотин тилини ўрганувчи талабалар билан психологик сеанс ўтқазди. Бу ерда ҳозир бўлган ўттиз икки талаба Маҳмудийнинг сирли ишоралари билан»... (Газетадан бош кўтариб) Қаранг, сирли ишоралари билан эмиш... (Ўқийди) «Сирли ишоралари билан чуқур уйқуга кетди, сўнгра институт профессори лотин тили морфологиясидан йигирма минут лекция ўқиди. Атоқли тилшунос олимнинг уйқудаги талабаларга лекция ўқишини кузатиб турганлар ҳайратдан лол бўлиб қолган эдилар. (Газетадан бош кўтариб) Ҳа-ҳа-ҳа! Олим шу маҳалгача талабаларга «кўзингни оч, ухламай ўтир», деб келган бўлса, энди «кўзингни юм, ухла» дер эканда... Ҳа-ҳа-ҳа! Мана бу тескари дунёни қаранг. (Ўқишда давом этади). Синов комиссияси ўтказган имтиҳондан маълум бўлишича, талабалар беш-олти ўқув соатида ўрганиш мумкин бўлган материални йигирма минутлик сеанс вақтида тўла ва мукаммал эгаллаганлар». (Газетани қўйиб). Ана холос. Менга қаранг, биродар, сиз Маҳмудийни танийсизми?
Газетхон — Биз бирга ишлаймиз.
Радиомухбир — Ростданми? Сиз ҳам гипнозчимисиз?
Газетхон — Бироз....
Радиомухбир — Айтинг-чи, Маҳмудий қанақа одам? Бўйи, юзи, умуман, кўриниши қандай?
Газетхон — Ҳаммага ўхшаган, оддий... тахминан мана менга ўхшаб кетади.
Радиомухбир — Ҳозир уни қаердан топса бўлади? Менга ёрдам берсангиз сиздан жуда миннатдор бўлар эдим.
Газетхон — У ҳозир мухбирларни қабул қилмаяпти-да..
Радиомухбир — Мени қабул қилади. Биз у билан бир синфда ўқиганмиз.
Газетхон — (Унга диққат билан қараб) Уни ҳозир кўрсангиз танирмидингиз?
Радиомухбир — Албатта танийман. У жимиттаккина ориқ бола эди. Кўзи ёниб турарди. Ҳеч қаеридан танимасам ҳам кўзидан танийман.
Газетхон — (Кўзойнагини олиб) Қани, кўзимга қаранг-чи.
Радиомухбир — (Ҳайратда) Мизроб! Ростдан сенмисан? Сен! Ўзинг! Мизроб, дўстим!
Маҳмудий — Одилжон эмасмисан?
Одилжон — Мен, Одилжонман. Мизроб! (Қучоқлашиб кетишади).
Маҳмудий — Оббо Одилжон-эй! Қани, ўтир-чи, дўстим, қаёқларда юрибсан? Кўришганимизга ўн беш йил бўлди, чоғи?
Одилжон — Ўн олти йил! Мен еттинчи синфни битириб, хабаринг бор, политехникумга кетдим. Ундан сўнг университетда журналистика факультетида ўқидим. Олти йил қишлоқ газетасида ишладим. Мана яқиндан бери ра-диомухбирман. Бу ашқол-дашқолларни кўтариб сени қидириб юрибман.
Маҳмудий — Мендан сўрасанг — ўнинчини битириб институтга кирдим. Профессор Собирийнинг психология курсида ўқидим. Ҳозир ўша кафедрадаман. Илмий иш қиляпман.
Одилжон — Биламан. Профессор билан орангиз яхши эмаслигини ҳам биламан.
Маҳмудий — Рақобат, дўстим, рақобат.
Одилжон — Уйландингми?
Маҳмудий — Йўқ, оила илмий ишимга халақит беради деб қўрқаман. Ўзинг-чи?
Одилжон —Уйланган эдим. Пешонамга сиғмади. Уч йил турмуш қилдик. Юрак касали билан нобуд бўлди. Битта қизим билан қолганмиз.
Маҳмудий — Аттанг, аттанг.
Одилжон — Ота-онанг соғ-саломатми?
Маҳмудий — Улар қишлоқда. Бу ерда ўзим тураман. Яқинда қишлоқдан синглим келган. Пединститутга кирмоқчи. Дарвоқе, бу ерда нима қилиб ўтирибмиз. Юр, уйга кетдик.
Одилжон — Мен ҳали сендан интервью ҳам олишим керак.
Маҳмудий — Интервьюни қўйсанг-чи. Ўзимиз бир отамлашамиз, кетдик! (Чиқадилар)

БИРИНЧИ ФАСЛ

Мизроб Маҳмудийнинг уйи. Ўртада стол. Чап томонда ичкари хонага кирадиган, ўнг томонда ҳовлидан чиқадиган эшиклар.
Хонада диван, кресло бор. Икки томон девор бошдан оёқ китоб полкасидан иборат. Тўғридаги деразадан оппоқ бўлиб гуллаган ўрик шохлари кўринади. Стол устида қоғозлар сочилган. Сунбул машинкада ёзаяпти. Муаттар Маҳмудийнинг қўлёзмасига қараб айтиб турибди.

Муаттар — (Ўқийди) «Бир неча йиллик илмий тажрибалар, конкрет шахслар устида ўтказилган экспериментлар шуни кўрсатадики...»
Сунбул — (тугаган варақни машинкадан олиб) Хат бошидан ўқинг. Текширамиз. Хато ёзиб акамдан балога қолмай.
Муаттар — (Ўқийди, Сунбул машинкадан чиққан қоғозни текширади).
«Ҳозирги замон психология фани инсоннинг руҳий дунёсига дадил кириб бормоқда, ажойиб кашфиётлар қилмоқда. Мен юқорида баён қилган хулосалар замонавий фаннинг энг сўнгги ютуқларидан келиб чиқади. Иоганн Дафатер даври физиономистларидан то Кречмер жадвалигача, Франц Галлнинг примитив тажрибаларидан Жозеф Моренонинг психодраматик театригача... ўрганиш ҳамда бир неча йиллик илмий тажрибалар шуни кўрсатадики...»
Сунбул — Бўлди. Танаффус. Қўлларим қотиб кетди. (Туриб қўлларини силкитади, радиони қўяди. Музика эшитилади).
Муаттар — Ҳеч бўлмаса, жумлани тугатиб қўяйлик.
Сунбул — Ҳалибери тугайдиган жумла эмас.
Муаттар — Илмий иш ўзи тугай деб қолдими?
Сунбул — Сиз билмасангиз мен қаёқдан билай, Муаттар опа?
Муаттар — Қизиқмисиз, Сунбулжон... Акангиз одам билан гаплашармидилар. У кишининг доим вақти зиқ. Бир нарса сўрагани келсак ҳам икки оғиз сўз билан жавоб бериб, ҳайдагандек қилиб жўнатадилар.
Сунбул — Акамнинг феъли шу. Жинниларни текширавериб ўзи жинни бўлиб қолганми... бир бало... Икки ойдан бери ҳамма ёққа эълон осиб йигирма ёшдан ўттиз ёшгача бўлган соғлом саводсиз одамни қидириб юрипти.
Муаттар — Саводсиз одамни нима қилар эканлар?
Сунбул — Эксперимент. Акам одам миясининг харитасини тузаяпти-ку...
Муаттар — Бундан хабарим бор.
Сунбул — Шунга ҳар хил одамларни тажриба қиладилар. Бечораларга раҳмим келади. Уларни нима оҳангларга солмайди акам. Битта шўрлик студентни шу ерда тажриба қилди. Қўлтиғидан шипга осиб, қирқ жойидан нина санчиб қўйиб юз мингдан пастга қараб санатди. Одамзоднинг жони қаттиқ бўлар экан, Муаттар опа. Бечора чурқ этмади-я.
Муаттар — Чурқ этмаган бўлса, демак, оғриқ сезмаган-да.
Сунбул — Ўларки, шунча нина санчилса-ю, оғримаса.
Муаттар — Келганингизга қанча бўлди?
Сунбул — Икки ой.
Муаттар — Ҳали психологик сеансларни кўп кўрасиз. Кўзингиз пишиб кетади. Фақат акангизга секретарлик қилиб, ассистентлик қилиб кириш имтиҳонларига тайёргарлик қолиб кетмасин.
Сунбул — Қолиб кетмайди. Мен айтганимни қиламан. Институтга кирмасам қишлоққа қайтиб бормайман.
Муаттар — Ҳай-ҳай, шахдингиздан қайтинг.
Сунбул — Рост. Мен айтдимми, қиламан. Ўнинчини битиришим билан узатишмоқчи эди. Тўполон қилиб ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб юбордим. Икки йил мактабда ишладим. Совчилар келса, қочиш ўрнига тўғри чиқиб ўзим гаплашаман. «Нима қилиб шўлтираб юрибсизлар? Белида белбоғи бўлса менинг олдимга йигитнинг ўзи келсин», дейман. «Вой ўлай, — қиз эмас — бало» деб совчилар тугунини кўтариб қочиб қолишади. Мана ойимнинг дод-войига қарамай ўқишга келдим. Ойимни биласиз. «Акангни уйланмагани уйланмаган, сен ҳам ёлғиз ўтмоқчимисан?» деб айюҳаннос солдилар. Уларга бўш келсам ҳозир, ким билади, бешик қучоқлаб ўтирармидим...
Муаттар — Келганингиз яхши бўлди. Ўзингизга ҳам, акангизга ҳам. Бу уй уйдек бўлиб қолди. Аёл кишининг қўли тегмаган жой жой эмас-да.
Сунбул — Аслида бу уйнинг бекаси аллақачон ўзингиз бўлишингиз керак эди.
Муаттар — Ҳазилни қўйинг, Сунбулхон. Биз акангиз билан фақат устозу шогирд, ҳамқишлоқ сифатида кўришиб турамиз. Мен психотерапевтика курсини тугатаяпман. Баъзи масалаларда Мизроб акамдан маслаҳат олиб тураман.
Сунбул — Қишлоғимизда сизларни аллақачон бичиб-тўқиб қўйишган. Ҳақиқатан, сизлар бир-бирингизга ярашиқсизлар.
Муаттар — Дўкондан ярашган кийимни олиб кийиш мумкин. Эртага ярашмай қолса бошқасини олиб кийса бўлади. Ҳаёт бошқа, сингилжон. Турмуш анча мураккаб.
Сунбул — Худди турмуш кўрганлардай гапирасиз.
Муаттар — Кўрмасам ҳам кўргандайман. Мен онамдан ёш етим қолдим. Ўгай онанинг қўлида ўсдим. У тили тез, андишасиз хотин эди. Мени ҳам, отамни ҳам кўп хўрлар эди. Мен ўзимдан ҳам отамнинг азобларини кўриб куйиб кетардим. У бечора оламдан ёруғлик кўрмай ўтиб кетди. Мен шаҳарга аммамникига келиб турдим. Шу ерда ўқидим. Гоҳи ўйлайман: агар вақти соати етиб кўнглимга ёққан одам билан турмуш қурадиган бўлсам, уни шундай ҳурмат қилай, шундай эъзозлайки, дунёда ҳеч бир эр ҳеч бир хотиндан бундай ардоқ кўрмаган бўлсин. Мен уни ҳар куни эрталаб ўпиб уйғотар эдим, энг яхши кўрган таомларидан тайёрлаб берардим. Оппоқ кўйлаклар кийгизиб, чўнтагига тоза, дазмолланган рўмолчалар солиб, ширин сўзлаб, ўпиб ишга кузатардим, яйраб кутиб олардим, токи оила унга қувонч ва бахт гўшаси бўлсин. Токи оламга келиб роҳат кўрдим, десин.
Сунбул — Оҳ-оҳ! Агар йигит бўлганимда сизни ўзим олардим.
(Маҳмудий ва Одилжон кирадилар).
Маҳмудий — (Кўчадан гапириб киради.) Инсоннинг мияси, нима десам бўлади, мана шу қоғоз (Чўнтагидан ҳалиги газетани олиб ёзади ва еижимлаб думалоқ қилади, сўнг кафтига қўйиб кўрсатади). Мана шу кафтимда турган қоғозда бутун олам хабарлари бор. Унда Маҳмудийнинг сеанслари ҳам, Лондондаги ишчилар намойиши ҳам, Фишер билан Петросян матчи ҳам ёзилган. Унда қанча ҳарф бор? Тасаввур қиласанми? Тўрт бетлик газетада қанча ҳарф бор? Мана, инсоннинг мияси шу. Бу ерда (бошига тақиллатиб чертади) ўн тўрт миллиарддан ортиқ мураккаб электрон машина ётибди.
(У уйдаги одамларга парво қилмай, берилиб сўзлайди. Муаттар ҳижолатда, Одилжон ҳам дўстининг сў-зини бўлолмай ноқулай аҳволда. У қизларга бир-икки эгилиб салом беради). Бу мураккаб машиналарнинг неча проценти ишлайди, қанча қисми информация қабул қилади, яъни инсонга актив хизмат қилади деб ўйлайсан? Қани, айт-чи?
Одилжон — А? Кечирасан, эшитмадим.
Сунбул — Ака, аввал меҳмонни таништирмайсизми?
Маҳмудий — (Эндигина Муаттарга кўзи тушиб) Э... э... дарвоқе... дарвоқе... Танишинглар. Менинг синфдош дўстим Одилжон.
Сунбул — Мен сизни танидим, Одилжон ака!
Одилжон — (Қўл бериб) Янглишмасам, Сунбул...
Сунбул — Топдингиз. Мен ўша папкангизга мушукнинг боласини солиб қўйган Сунбулман. (Аразлаган бўлиб) Ўшанда мени Сунбул дебмас, Дунбул деб чақирардингиз. Мана булар Муаттар опам бўладилар.
Маҳмудий — Мўминова. Психотерапевт. (Одилжон билан таништиргач ўзи қўл бериб сўрашади) Яхшимисиз, Мўминова?
Сунбул — «Мўминова»га бало борми? Муаттархон денг.
Муаттар — Айтим-ку, Сунбулхон, биз жиндак ҳамкасаба, устозу шогирд, холос. Хўп, мен борай.
Сунбул — Қаёққа борасиз? Мана, акам келдилар. Одилжон акам... Ҳамқишлоқлар бирпас гаплашамиз.
Муаттар — Узр, мен боришим керак. Хўп хайр, домла Маҳмудий. (Чиқади. Сунбул акасига бир хўмрайиб унинг кетидан чиқади).
Маҳмудий — (Парво қилмай гапида давом этади). Шундай қилиб, инсон миясининг имкониятлари чеку-чегарасиз. Унинг ўндан тўққиз қисми умр бўйи ишга туш-масдан қолиб кетади. Мен олдинга сураётган фикрнинг қисқача мазмуни шу: инсон туғилишидан қобилиятсиз бўлмайди. Фақат муайян шароитда бош миянинг маълум нуқталари ҳаракатсиз қолади. Паганини туғилган юртда скрипка бўлмаганда, у этик мойловчи бўлар эди. Мана шунақа, дўстим. Сен елкангга мана бу тақир-туқурларни осиб юрибсан. Балки сен Станиславский, Немирович-данченкодурсан, балки Ньютон, балки Архимеддирсан. Энди сенга битта сир айтаман — сен шу айтганларимнинг ҳаммасисан. Сен Афлотун ҳам Арастусан, сенинг қаерингдадир Искандар Зулқарнайн ухлаб ётибди. Сен Саъдий ва Гётесан, Улуғбексан, Леонардо да Винчисан. Ҳа-ҳа, дўстим. Ҳайрон бўлма. Битта данакда бутун бир боғ ухлаб ётади.
Одилжон — Леонарда да Винчи деганинг анча ҳақиқатга яқин. Мактабнинг деворий газетасига ҳамма сувратни ўзим ишлардим. Эсингдами, Мамаюсуф дангасани роса боплаб чизган эдим. Ҳа, мендан Архимед чиқмаса ҳам, Леонардо да Винчи чиқиши мумкин эди.
Маҳмудий — Ҳа, дўстим Одилжон, шундай вақтлар келадики, психология илми инсон қобилиятларини тўла, мукаммал очиб ташлайди. Бош миядаги миллиард чироқларнинг қайси бири кўпроқ кучланишни кўтара олади, қайси бири порлаб ёнишга қуввати етади — илм равшан аниқлаб беради. Шунда туғилган гўдак файласуф бўладими, тош кўтарадиган полвон бўладими — туғилиш гувоҳномасига қўшиб ёзиб берилади. Атрофга қара, ҳозир нима аҳвол? Мана, узоққа бормай, ўз касбдошларингга назар сол. Мухбирман, журналистман деганларнинг ҳаммаси мухбир, журналистми? Мана сенинг бўлим мудиринг, — у мендан интервью олган, жуда уста дорбоз бўлиши мумкин эди. Қадам қўйишидан биламан. Ҳозир ким? Журналист. Бу ҳам майли-я, ҳали пенсияга чиққандан кейин ёзувчилик даъво қилади. Томошани ана унда кўрасан. Ҳамма бало шундаки, даставвал миясидаги керакли, юқори вольтли чироқ ёнмай қолган. Унинг ўрнига хира, қора чироқни ёқиб кўйган. Энди у оламдан тутаб, лип-лип қилиб, ҳамманинг жонига тегиб ўтиб кетади.
Одилжон — Олимларнинг ичида ҳам дарбозлар йўқ эмасдир.
Маҳмудий — Албатта бор. Аммо келажак бу масалани ҳал қилади. Олимлар инсон миясининг тўла харитасини тузадилар. Бу харита шундай катта бўладики, у билан ер шарини ўраса бўлади. Бу харита ғуж-ғуж чироқлар билан қопланади. Чунки инсон миясининг ҳаракатсиз ётган чўлу саҳролари, музликлари қолмайди. Ўйла, дўстим. Биз ер харитасидан қанча-қанча саҳроларни йўқотяпмиз. Аммо мана бу ердаги (бошини кўрсатиб) дашту биёбонларни йўқотишни кимўйлайди, ким? Ер юзида одамқадами тегмаган жой деярли қолмади. Лекин онгимизда сукунат қутблари бепоён. Биз дунёга келиб нима кўрамизу, нима биламиз? Одилжон, дўстим! Баъзан тушларимда бутун дунё ёнаётганини кўраман. Ҳа, дўстим, дунё ёнаяпти. Чунки биз ундан бебаҳрамиз. Даҳшат, даҳшат. (Сув ичади, бир оз ўзини тўхтатиб) Одилжон, сенинг ҳам кечалари уйқунг қочадими?
Одилжон — (Хўрсиниб) Э, нимасини айтасан. Баъзан оппоқ саҳаргача кўзим юмилмайди. Барно шундай тирикдай менга термулиб тураверади. Эрталабгача у билан гаплашиб чиқаман.
Маҳмудий — (Унинг елкасига қўлини қўйиб). Ўзингни қўлга ол. Кўп хаёл сурма. Бу — галлюцинация. Ҳеч қиси йўқ, ўтиб кетади. Бир икки сеанс ўтказамиз. Кўзингга ҳеч қанақа шарпа кўринмайдиган бўлади. Менинг ҳам баъзан уйқум қочади. Осмонга юлдузларга қарайман.

Баъзан кўзга уйқу келмаган чоғлар
Кўкка термиламан, қиламан ҳавас.
Йўқ, у осмон тўла юлдузлар эмас,
Инсон ақлидаги ёниқ чироқлар.

Зуҳро порлаб турар фалак тўрида,
Ўша сайёрадан узмайман кўзим.
Дейман, қани инсон тафаккурида
Менинг кашф этажак ёруғ юлдузим.

Тасаввур қил, дўстим! Икки минг икки юзинчи йил. Инсон энг олис сайёраларга бориб етади. Ернинг ҳар қаричи инсонга хизмат қилади. Одам, башарият энг мураккаб автоматлар, электрон машиналарни бошқаради. У автомат, у электрон машиналар ўз навбатида одамни, башариятни бошқаради. Тараққий этган Демограф машиналар ер сайёраси учун бугун қанча, ўн йилдан сўнг қанча, эллик йилдан сўнг қанча одам кераклигини, бу одамларнинг қанчаси аёл, қанчаси эркак бўлиши кераклигини ҳисоблаб беради...
Одилжон — Битта савол.
Маҳмудий — Хўш?
Одилжон — Ўшанда одамни дунёга келтириш ота-боболардан қолган усул билан бўладими, ёки....
Маҳмудий — (Ҳафсаласи пир бўлиб) Э... бачкана бўлма. Мен сени одам деб гапирсам....
Одилжон — Узр, узр. Ҳазиллашдим. Гапиравер. Қулоғим сенда. Гапингга маҳлиё бўлиб мухбирлигим эсдан чиқибди-ку. Сендан интервью олишим керак (репортёрни очади.)
Маҳмудий — Қўйсангчи, ўша ашқол-дашқолингни ёп. Дунёда нима ёмон — темирга қараб гапирган ёмон. Олдимда микрофон турса тилимга гап келмай қолади.
Одилжон — Майли, майли. Сенинг айтганинг бўлақолсин. (Репортёрни ишлатиб, микрофон чиқаради ва Маҳмудийдан яшириб стол тагига қўяди) Мана, ёпиб қўйдим. Мизроб, ҳали бир шеър ўқидинг: «Қани инсон тафаккурида менинг кашф этажак ёруғ юлдузим!» Менга жуда ёкди. Ўша ёруғ юлдузни ҳақиқатан кашф этиш мумкинми? (Микрофонни билдирмай Маҳмудийга тўғрилайди).
Маҳмудий — (шавқ билан) Энди сенга энг муқаддас, ҳали ҳеч кимга айтмаган, умрим бўйи (кўкрагига қўлини қўйиб) мана шу еримда асраб келган орзумни айтаман. Менинг ниятим инсон тафаккуридаги ана шу ёруғ юлдузни топиш. Бунинг маъноси — инсоннинг ҳаётидаги, жамиятдаги ўрнини топиб бериш. Мен орзу қиламан: шундай одамбўлсаки, у бугунги ҳаётимиздан четда қолган, ғирт оми, онги илм билан заҳа бўлмаган, Локк таъбири билан tabula rasa — ёзилмаган оқ қоғоз бўлса. Мен уни антропо-логик, генетик, физиологик текширишлардан ўтказсам, тафаккур тарзини ўзгартирсам, янги йўналиш, янги дунёқараш бағишлаб, янги дунёнинг янги одамини яратсам.
Одилжон — Бу мисли кўрилмаган иш-ку...
Маҳмудий — Менда махсус ўзим тайёрлаган программа бор. Лабораторияда бу мақсад учун мўлжалланган аппаратлар тўлиб ётибди. Энди мана буни кўр. (Девордаги пардани очади. Катта харита кўринади). Нима деб ўйлайсан?
Одилжон — Ойнинг харитаси.
Маҳмудий — Йўқ, бу инсон миясининг харитаси. Мана бу тоғ тизмалари — хотира чизиқлари бўлади. Бу ер абстракт тафаккур водийси, мана бу — ишқ муҳаббат океани, бу ёғи кимсасиз чўлу саҳролар. Ҳали илмнинг қадами бу ёққа етиб келмаган. Мана шунақа гаплар, дўстим. (Пардани туширади. Сунбул киради).
Сунбул — Ие, ҳали шу маҳалгача дастурхонсиз ўтирибсизларми? (Одилжонга) Акам сизни нуқул гап билан меҳмон қилаётган эканлар-да. (Дарров дастурхон ёзиб стол тузай бошлайди).
Одилжон — (Репортёрни йиғиштириб) Овора бўлманг, Сунбулхон. Мен ҳозир кетаман.
Сунбул — Бир пиёла чойсиз қаёққа кетасиз? Акам ўзлари шунақа. Хафа бўлмайсиз. Оламда нима борлигини биладилар-у, уйда нима борлигини билмайдилар.
Маҳмудий — Нега билмас эканман. Уйда, мана, сен борсан. Мен шуни биламан, қолганини сен биласан. Иккита кофе. (Одилжонга) Мана, дўстим, ўн беш йилдан бери шунақа гаплар билан каллани шишириб ётибмиз.
Одилжон — Сен улуғ олимсан, Мизроб. Авлиёсан.
Маҳмудий — Эшитяпсанми, Сунбул? (Одилжонга) Сунбул ҳам эшитсин, бир қайтар.
Сунбул — (Икки чашка кофе олиб келади). Нима гап?
Одилжон — Мен Мизробга улуғ олимсан, дедим.
Сунбул — Тўғри. Улуғ олимлар жинни бўлади, деб эшитганман.
Маҳмудий — Ана холос!
Одилжон — Ҳамма олимлар ҳам Мизробга ўхшаб илмнинг, ўз маслагининг жинниси бўлса майли эди.
Маҳмудий— (Одилжонга). Кофе яхши-а?
Одилжон — Зўр!
Сунбул — Муаттар опам кофени мендан ҳам яхши дамлайдилар.
Маҳмудий — Ким у?
Сунбул — Мўминова. Шогирдингиз.
Маҳмудий — Э, Мўминова... Лекин ундан катта олима чиқмайди.
Одилжон — Ўзи яхши қизга ўхшайди.
Маҳмудий — Э... Уларнинг ҳаммаси бир гўр.
Сунбул — Ака, мен кетдим. Бугун Муаттар опамникида қоламан. Имтиҳонларга тайёрланаман.
Маҳмудий — Олтинчи боб машинкадан чиқдими?
Сунбул — Озроқ чаласи қолди. Эртага тугатиб қўяман.
Маҳмудий — Ҳалиги мақолани газетадан қирқиб папкага солиб қўй.
Сунбул — Газета қани? Ўзингиз ўқиб юрган эдингиз.
Маҳмудий— (У ёқ-бу ёғини қидириб, ён чўнтагидан ҳалиги ғижимлаб думалоқ қилинган газетани олади). Мана. Мен уни мия қилиб қўйибман-ку. (Корзинкага ташлайди). Бунақа мияни корзинкага ташлаш керак.
Сунбул — Ана шунақа-да...
Одилжон — Ҳечқиси йўқ. Менда бу газетанинг нусхаси бор. Бераман. (Қўйнидан газетани олиб Сунбулга беради).
Сунбул — Хўп. Мен кетдим.
Одилжон — (Маҳмудийга) Менга ҳам ижозат бер. Сунбулхонни ўзим кузатиб қўяман.
Маҳмудий — Хўп, Одилжон. Келиб тур. Энди мухбир бўлиб эмас, ўзинг кел.
Одилжон — Хайр.
(Сунбул ва Одилжон чиқишади. Маҳмудий иш столига ўтириб қоғозларни тартибга келтиради, бир нималар ёзади. Чироқ ўчиб ёнганда Маҳмудий дераза олдида турганини кўрамиз).
Маҳмудий — ... Қани инсон тафаккурида мен ёқажак энг ёруғ юлдуз!
(Радиони қўяди. Дикторнинг овози эшитилади).
Диктор — ...Унинг фикрича, келажак жамият бутунлай электрон ҳисоблаш машиналари ихтиёрига ўтади. Олим мухбиримиз билан суҳбатда, жумладан, қуйидагиларни айтди:
Маҳмудий овози — «Келажакда олимлар инсон миясининг тўла харитасини тузадилар. Бу харита шундай катта бўладики, у билан ер шарини ўраса бўлади. Энди мен бутун умр асраб келган орзумни айтаман. Менинг ниятим инсон тафаккуридаги ёруғ юлдузни топиш...»
Диктор овози — Бу эзгу мақсад йўлида сизга сабот ва омадлар тилаймиз. Соғ-саломат бўлинг, Мизроб Маҳмудий... Бугун чорраҳаларда йўл ҳаракатининг бузилиши натижасида...
Маҳмудий — (радиони ўчириб) Дод, мухбирлар дастидан дод! Улардан қаёққа қочиб қутуламан? Сўз оғзимдан чиқиб улгурмай, радиодан таралиб турибди-я! Қачон ёзди, қандай ёзди? (Эшик қўнғироғи чалинади). Ана яна биттаси келди. Мен йўқман! Маҳмудий йўқ. (Тескари қараб қулоқларини беркитади. Эшик секин қия очилади. Қулоқчинли бош кўринади).
Қулоқчин — Ит йўқми?
Маҳмудий — Маҳмудий йўқ.
Қулоқчин — (Киради. Унинг эгнида яеир телогрейка, ёғ босган шим. Қўлида сумка). Олтинчи уй шуми?
Маҳмудий — Сизга нима керак?
Қулоқчин — Холодильник тузатгани келдим.
Маҳмудий — (Қарайди. Уни бошдан оёқ кузатади) Ишқилиб мухбир эмасмисан?
Қулоқчин — Қўрқманг. Унақа одатим йўқ.
Маҳмудий — (Унга яна разм солиб) Ана холодильник. (Қулоқчинли одам — йигирма, йигирма икки ёииардаги йигитча. У шошмасдан телогрейкани ечиб креслога ташлайди. Титилган ёе босган камзулнинг енгини шимаради. Тароқ тегмаган патак сочли бошини қашиб холодильник ёнига келади).
Қулоқчин — Ё Жамшид, ўзинг шарманда қилма. (Холодильникни очади). Ака, бунингиз ишламайди-ку.
Маҳмудий — Ишласа сени чақириб нима қилардим? Чўпчак айтишармидим?
Қулоқчин — Оламга келиб бунақа катта холодильник кўрган эмасман. (Шошмасдан холодильник ичидаги ашёларни олиб тепасига тахлайди. Бир-икки туртиб, тепиб кўради. Холодильник ишламайди). Ака, бу холодильникнинг оти нима? Нега бунча катта?
Маҳмудий — (Холодильник устидан китобча олиб беради) Мана бу — қўлланмаси. Ўқиб тузатавер.
Қулоқчин — Эҳ, акажон-а, ўқишни билсам шунақа қилиб юрармидим?
Маҳмудий — (Ярқ этиб унга қарайди) Ёшинг нечада?
Қулоқчин — Йигирма иккига кирдим.
Маҳмудий — Ўқишни билмайсанми?
Қулоқчин — Ҳарфларни биламан. Қўшиб ўқишга йўқроқман.
Маҳмудий — Мен осган эълонга кўзинг тушмадими?
Қулоқчин —Қанақа эълон?
Маҳмудий — Йигирма ёшдан ўттиз ёшгача бўлган саводсиз одам менга йўлиқсин. Ёнимдан пул бериб ўқитаман, деб ёзганман.
Қулоқчин — Афанди экансиз. (Кулади).
Маҳмудий — Нега?
Қулоқчин — Эълонни саводи бор одам ўқийди-да. Менга ўхшаганлар кўчада эълон ўқиб юрармиди?
Маҳмудий — Гапингда мантиқ бор. Бери кел-чи. Исминг нима?
Қулоқчин — Матмуса.
Маҳмудий — Ота-онанг борми?
Матмуса — Ота-онам ёшлигимда ўлиб кетишган.
Маҳмудий — Қаерда турасан? Матмуса — «Бедананинг уйи йўқ, қайга борса питпилдиқ». Эшитганмисиз?
Маҳмудий — Мактабга борганмисан?
Матмуса — Етти йил ўқиганман.
Маҳмудий — Демак, етти синф тугатгансан.
Матмуса — Йўқ, тўртинчи синфни тугатганман.
Маҳмудий — Қандай қилиб?
Матмуса — Ҳар синфда икки йилдан...
Маҳмудий — Тушунарли. Хўш, кейин-чи?
Матмуса — Кейин ўқитувчи менга қоғоз ёзиб берган.
Маҳмудий — Қанақа қоғоз?
Матмуса — Билмайман. Лекин ўша қоғоз менда бор. (Қўлтиғидан туморча олиб беради).
Маҳмудий — Бу тумор-ку.
Матмуса — Ичида ўша қоғоз бор.
Маҳмудий — (Туморни авайлаб сўкади) Қандай қилиб ўқитувчи ёзиб берган қоғоз туморга тикилиб қолди?
Матмуса — Раҳматли бувимга, мана бу қоғозни домлам бердилар, десам, бувим, ҳойнаҳой домланг тумор ёзиб бергандир, деб шуни тикиб бердилар.
Маҳмудий — (Тумор ичидан қоғоз олиб ўқийди) «Тўртинчи «Б» синф ўқувчиси Мадалиев Матмуса қобилияти суст бўлганлиги учун ўқишдан озод қилиниб, ҳунар мактабига юборилди. Ўзлаштириши: она тили — икки, табииёт — икки, тарих — икки, арифметика — бир...» (Матмусага) Ҳисобдан сал бўшроқ эканлар-да.
Матмуса — (Уялган бўлиб ерга қарайди) Сал...
Маҳмудий — Ҳунар мактабига бордингми?
Матмуса — Амаким: «Қопга сомон тиқиш ҳам ҳунар бўлади», деб мени сомон бозорига олиб кетдилар.
Маҳмудий — Кейин-чи?
Матмуса — Кейин қаердан беш танга чиқадиган бўлса, ўша ишни қилдим. Ҳаммомда гўлах, темир йўлда ҳаммол бўлдим, мардикорчилик қилдим. Ямоқчиликни ҳам биламан. Ботинкангиз йиртилса беринг, ўзим ямаб бераман.
Маҳмудий — Холодильник тузатишни қачон ўргандинг?
Матмуса — Бунисини айтмайман.
Маҳмудий — Айтасан.
Матмуса — Айтсам ҳайдаб юборасиз-да.
Маҳмудий — Ҳайдамайман.
Матмуса — Бўлмаса олдин мана бу қоғозга — келди, тузатди, деб қўл қўйиб беринг.
Маҳмудий — (Қўл қўяди) Мана, қўл қўйдим. Энди айт.
Матмуса — Ростини айтсам, мен холодильник тузатишни билмайман. Умримда бу ишни қилмаганман.
Маҳмудий — Бўлмаса, нега келдинг?
Матмуса — Мен «Ҳожат» комбинатида ишлайман. Одамларга ҳар хил хизмат қиладиган жой борку...
Маҳмудий — Маиший хизмат корхонаси.
Матмуса — Шунақа. У ерда мен кийим тозалаш бўлимида юк ташувчиман. Одамлардан олинган кир энгилларни фабрикага олиб бораман, тозасини қайтиб олиб келаман. Ўша жойдаги холодильник устахонасида бир ўртоғим бор. Жуда яхши бола. Шу... шу денг... Яхши кўрган қизи билан учрашадиган бўлиб қолибди. Шу бугун. Бормаса сира бўлмас экан. Директоримиз жуда қўрс, бақироқ одам. Ярим кунга жавоб бермапти. Бола менга айтиб қолди. Қоғозларингни менга бер, ҳаммасини ўзим тинчитаман, дедим. Сен жононнинг олдига боравер, хотиржам бўл, дедим... Хуллас кўндирдим.
Маҳмудий — Холодильник тузатишни билмасанг, қанақа қилиб унинг ишини бажарасан?
Матмуса — Бажариб бўлдим. Тўрт жойга бориш керак экан. Иккита уйда эгаси йўқ экан, қўшниларига қўл қўйдириб олдим, келди, деб. Учинчиси, аксига эгаси бор экан, анча қийнади. Холодильникнинг атрофида бир-икки айланиб, эгасининг кўзини шамғалат қилиб туриб бир тепдим. Бахтимни қаранг, ишлаб кетди. Кейин бирпас ичини кавлаган бўлдим-у, қоғозга қўл қўйдириб олдим. Эгаси бечора хурсанд бўлиб яна қўлимга беш берди.
Маҳмудий — Беш берди?
Матмуса — Беш сўм, деяпман. Мана. Буни ўша боланинг ўзига бераман. Жононингга ишкалат олиб бер, дейман. Шунақа, ака. Бу ёкда, мана, сизники ҳам осон кўчди. Хўп, мен кетдим.
Маҳмудий — Шошма, Матмуса. Ўтир (Креслого ўтқазади ва жовондан ҳар хил асбоблар олади. Сўнг ўша асбоблар билан Матмусани текшира бошлайди. Қалпоғини ечиб, циркулга ўхшаган асбоб билан миясидан гарданигача, даҳанидан пешонасигача ўлчайди. Чамбаракка ўхшаган нарсани бошига кийгизиб кўради. Лентали метр билан пешонасининг кенглигини ҳисоблайди).
Матмуса — Нима қиляпсиз, ака? Қалпоқ тикасизми?
Маҳмудий — Менга қара, Матмуса. Айтишингга қараганда, сен кўп ишларни кўргансан. Ҳаммол бўлгансан, ўт ёқарлик қилгансан. Айт-чи, кўп касб-ҳунарларнинг ичида ўзингга энг ёққани қайси бўлган?
Матмуса — Носфурушлик.
Маҳмудий — Нима сабабдан?
Матмуса — Кўпроқ пул чиқар эди.
Маҳмудий — Экстраверт. Учинчи босқич, тўртинчи даража.
Матмуса — Лаббай?
Маҳмудий — Кўзимга қара-чи. Мана бу нечта? (Еттита бармоғини кўрсатади).
Матмуса — Уч кам ўн.
Маҳмудий — Элликдан ўттизни олсанг қанча қолади?
Матмуса — Элликдан ўттизни олса, қирқ... йўқ... ўн саккиз...
Маҳмудий — Эллик сўм пулинг бўлса, ўттиз сўмни ишлатсанг қанча пулинг қолади?
Матмуса — Йигирма сўм.
Маҳмудий — Бўлмаса нега қирқ, ўн саккиз, дейсан?
Матмуса — Пул билан айтсангиз минггача ҳам ҳисоблайвераман.
Маҳмудий — Матмуса, мен сени ўқитсам нима дейсан?
Матмуса — Қўйсангиз-чи, ҳазиллашманг.
Маҳмудий — Рост айтаяпман.
Матмуса — Ўқишдан гапирманг. Уйқум келади. (Эснайди)
Маҳмудий — Аъло даражада сомнамбула.
Матмуса — А?
Маҳмудий — Мен сени кўпроқ уйқуда ўқитаман. Қанча кўп ухласанг, шунча яхши бўлади.
Матмуса — Йўғ-э...
Маҳмудий — Мана шу уйда мен сени бир йил ўқитаман. Кийим-кечак, озиқ-овқатинг мендан. Ҳафтада бир кун ўйнаб келишингга ўн сўм пул.
Матмуса — Бир йилда беш юзу йигирма сўм!
Маҳмудий — Бараккала. Ҳисобга дурустсан-ку.
Матмуса — Лекин мени ўқитаман деб овора бўлманг. Менга атаганингизни беринг. Мен кетай.
Маҳмудий — Ўқишни ҳоҳламайсанми?
Матмуса — Дунёда ким кўп, ўқиган кўп. Менга ўхшаган саводсиз шаҳарда ё иккита, ё битта ўзим. Шунча олимга битта қўйчибон ҳам керак-да.
Маҳмудий — Ўзинг биласан. Мен сени мажбур қилмайман. Лекин ўн йилдан кейин ўқимаган одамга иш қолмайди. Очингдан ўласан.
Матмуса — Ўйлайдиган хонаси келиб қолди. (Ўрнашиб ўтиради. Қалпоғини столга қўйиб унга қараганича) Нима дейсиз, мулла Матмуса? Ўқийсизми? Олим бўласизми? Текин жой, текин кийим, текин ош, яна ҳафтасига ўнта сўм пул. Хўш, мулла Матмуса, шу маҳалгача ҳеч қачон текиндан қайтмагансиз. Бир таваккал қиламизми? Йўқ, шошма Матмуса бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур. (Маҳмудийга) Бир нарса сўррасам майлими?
Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Ҳойнаҳой бекорчи одам эмассиз. Ҳар кимнинг тирикчилиги бор. Мени ўқитиб нима қиласиз? Сизга шундан нима фойда?
Маҳмудий — Фойдам билан ишинг бўлмасин. Мен илмий тажриба қиламан. Сенда ухлаб ётган қобилиятларни уйғотаман.
Матмуса — Ҳали ухлатаман, дедингиз-ку.
Маҳмудий — Сени ухлатиб қўйиб қобилиятларингни уйғотаман. Бир йилда сен ўқимишли, маданиятли, ҳамма соҳалардан хабардор одам бўласан.
Матмуса — Ўзимизнинг комбинатга хўжайин бўламанми?
Маҳмудий — Бўлишинг мумкин. Ташкилотчилик қобилиятининг борми?
Матмуса — У нима ўзи?
Маҳмудий — Бирор ишга бошчилик қилганмисан? Бирор нарсани уюштирганмисан?
Матмуса — Уруштирганман. Бедана, хўроз, ит...
Маҳмудий — Сендан бошлиқ чиқмаса керак.
Матмуса — Бошлиқ бўлгандан кейин тузукроқ мансабда ўтириш керак-да. Комбинатга директор бўласан, десангиз, ишонтирсангиз, унда майли, ўқийман. Бўлмаса, йўқ.
Маҳмудий — Директор бўлиб нима қиласан? Турган битгани ғалва-ку. Сени мен ўзимга ассистент қилиб тайёрлайман. Менинг ёрдамчим бўласан. Ғайрат қилсанг келажакда олим бўлишинг мумкин.
Матмуса — Керак эмас, мен фақат директор бўлсам ўқийман.
Маҳмудий — Менга-ку сени олим қилишдан директор қилиш осон. Лекин сен ўз фойдангни билмаяпсан.
Матмуса — Йўқ, мен олим бўлмайман. Директор бўламан. Шунга кўнсангиз ўқийман.
Маҳмудий — Директор бўлишни астойдил истайсанми?
Матмуса — Астойдил.
Маҳмудий — Мен топширган машқаларни астойдил бажарасанми?
Матмуса — Бажараман.
Маҳмудий — Бўпти, қарор қилдик. Сен директор бўласан.
Матмуса — Яшанг, ака! Ўқиганим бўлсин, қўлни ташланг.
Маҳмудий — Шошма. Шарт бор.
Матмуса — Қанақа шарт?
Маҳмудий — Шарт шуки, баъзан бир кунда ўн тўрт-ўн олти соатдан машқ, сеанслар ўтказамиз, қочиб кетмайсан.
Матмуса — Қочмайман. Йигит сўзим.
Маҳмудий — Иккинчидан. Бу ишимизни сену мендан, менинг синглимдан бошқа ҳеч ким билмаслиги керак. Бировга чурқ этсанг, тилингни суғуриб оламан.
Матмуса — Чурқ этмайман.
Маҳмудий — Ана келишдик.
Матмуса — Менинг ҳам шартим бор.
Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Менга «директор бўласан», деб қоғоз ёзиб берасиз.
Маҳмудий — Қоғозни бунча яхши кўрмасанг. Майли, ёзиб бераман.
Матмуса — Кейин... ростини айтсам, ўлгудек пўстакман, дарсингизни билмай қолсам урмайсиз.
Маҳмудий — Урмайман. (Ўлтириб қоғозга бир нималар ёзади).
Матмуса — Бўпти. Мана энди суйинчисига битта отадиган хонаси келди. (Чўнтагидан носқовоқ олади ва оғзига бир кафт ташлаб, носқовоқни Маҳмудийга узатади) Носдан олинг, ака.
Маҳмудий — Раҳмат, бемалол. Мана эшит. (Ўқийди) «Ҳожат» корхонасининг юк ташувчиси Матмуса бир йилдан сўнг шу комбинатга директор бўлади. Комил ишонч билан имзо чекдим. Мизроб Маҳмудий». Мана ол. Бўлдими?
Матмуса — «Матмуса Жалилович», деб ёзинг.
Маҳмудий — Бор, ана Матмуса Жалилович бўлақолсин. (Ёзади) Энди бўлдими?
Матмуса — Бўлди. Мен буни тумор қилиб тақиб оламан.
Маҳмудий — Билганингни қил. Лекин биринчи туморинг хотира учун менда турсин. Сени қобилиятсиз деганларга калтак қиламиз. Мана, Матмусавой, шу бугундан бошлаб сен менга шогирд мен сенга устоз бўлдим. Биз ишни ҳозироқ бошлаймиз. Бориб сенга янги кийимлар сотиб оламиз. Эртага эрталаб биринчи дарс. Қани, кетдик.
(Эшикка қараб юради. Матмуса оғзидаги носни сиёҳдонга туфлаб унинг кетидан чиқади.)

П а р д а


ИККИНЧИ ФАСЛ

Биринчи манзара

Орадан уч ой ўтди. Мизроб Маҳмудийнинг иш кабинети. Рўбарўдаги икки деразага парда тутилган. Ўнг ва сўл томондан деворлар китоб жавони билан қопланган.
Кичик столчаларда, жовон полкаларида магнитофон, диктофон ва турли акустика асбоблари. Ўртада катта стол. Икки ёнида иккита стул.
Стол ёнида залга қараб Матмуса турибди. У чиройли ёзги костюмда. Нейлон кўйлак устидан костюм рангида оч галстук таққан. Янги ўстирган сочини чиройли қилиб ёнбошга тараган.
Ўнг қўлида бир варақ қоғоз, чап қўлида қалам. У қаламни стол устида турган камертонга уриб, зални тинчитади.

Матмуса — Тинчланинг, ўртоқлар! (Қоғозга қараб) Мажлис қарорини овозга қўяман. Ҳозир ўқиб эшиттирилган қарор қабул қилинсин, деганлар қўл кўтарсин! (Қўл кўтаради ва қўлини тушурмай, хатга қараганча давом этади.) Қарши йўқ, бетараф йўқ. Қарор бир овоздан қабул қилинади.
Овоз — Стоп, стоп! (Парда орқасидан Маҳмудий чиқиб келади. У пижама ва енгил финка кийган. Қўлида таёқча.) Биринчидан, қарор овозга қўйилганда қоғозга эмас, одамларга қараш керак. Мана бундай. (Таёқча билан Матмусанинг даҳанидан кўтариб залга қаратади.). Гарчи одатда қарши, бетараф бўлмаса ҳам тартиб юзасидан шунақа қилинади. Иккинчидан, қарши ва бетарафларни сўраганда мажлис олиб борувчи қўлини тушириши керак. Қоида шундай. Давом этамиз. (Матмуса тугмаларини ечиб, терлаб кетган юзини, бўйинларини пиджакнинг этагига артади. Шу пайт Сунбул икки коса овқат кўтариб киради.)
Сунбул — Эрталабдан бери туз тотганинглар йўқ. Бироз тамадди қилиб олинглар.
Маҳмудий — Вақт йўқ! Бизга ҳалал берма.
Сунбул — (Овқатни столга қўйиб, лабини ялаб турган Матмусага раҳмдиллик билан қарайди ва чиқатуриб) Овқат совиб қолмасин, ака. Мен институтга кетдим.
Маҳмудий — Давом этамиз.
Матмуса — (икки кўзи овқатда) Давом этамиз.
Маҳмудий — (блокнотга қараб) Хўш нимага келиб тўхтадик?..
Матмуса — Хўш... нимага келиб тўхтадик?
Маҳмудий — Телефонда сўзлашишни қайтардик. (Блокнотдан пунктма-пункт ўчиради) Ходимларни қабул қилишни ўтдик... Катта бошлиққа чой узатиш... Савол берилганда гапни чалғитиш... Қуюқ ваъда бериш... Дағдаға қилганда столнинг қаерига муштлаш... креслода ўтириш, қадам ташлаш қоидаси... (ўчира туриб тўхтайди.) Мана шу ерда камчилик бор. Қайтарамиз. Қани, мана бу ерга туринг.
Матмуса — (овқатдан зўрға кўзини олиб.) А?
Маҳмудий — Юришни машқ қиламиз. Коридорда қандай юриш керак? (Матмуса билганча юриб кўрсатади) Йўқ. Мана бундай. Ёнимда юринг. Қўл! Қўл қаерда бўлиши керак? Мана бундоқ! (Қўлига таёқча билан уриб орқага қилиб қўяди.) Қорин! Қоринни чиқаринг! (Матмуса қорнини ичига тортади.) Чиқаринг, деяпман!
Матмуса — (Ғўлдираб) Қоринда ҳеч вақо йўқ...
Маҳмудий — Дарвоқе... Танаффус.
(Матмуса бошвоғи ечилган кучукдай чопиб бориб стулга ўтиради.) Стоп-стоп! Бошқатдан. Қани, қандай ўтириш керак?
(Матмуса бошини эгиб жойига қайтади ва аста, гердайиб юриб столга ўтиради. Шошмай атрофга қарайди. Йўқ одамларга салом беради. Иржаяди. Сўнг аста қошиққа қўл узатади. Салфеткага яхшилаб артади.)
Бу бошқа гап. Қани, олинг.
Матмуса — Марҳамат...
(У энди овқатга қўл узатганда Одилжон кириб келади. У Матмусани кўриб, тавозе билан салом беради.)
Одилжон — Салом...
(Матмуса ва Маҳмудий саросимада ўринларидан туришади.)
Узр. Сизларни бемаҳал безовта қилдим, шекилли.
Маҳмудий — Ҳечқиси йўқ. Келавер. (Четга) — Энди бўлар иш бўлади. (Одилжонга Матмусани таништириб) Бу киши комбинат директори Матмуса Жалилович, бу менинг дўстим Одилжон — мухбир. Танишинглар.
Одилжон — Танишганимдан мамнунман.
Матмуса — Мен ҳам... Мен ҳам... Маймунман.
(Маҳмудий уни қаттиқ туртади.) Қани, марҳамат... (Ўтиришади. Маҳмудий жавондан шиша ва рюмкалар олиб столга қўяди.)
Одилжон — (Шишани очар экан) Матмуса Жалилович, қаердан бўладилар?
Матмуса — Итбоқардан.
Одилжон — Итбоқардан?
(Маҳмудий Матмусани туртади)
Матмуса — Янги номи Алжабрий кўчаси. (Ёд олган сўзларни такрорлаб) Алжабрий ўрта асрнинг буюк олими, риёзиётчиси ва мунажжимидур.
Маҳмудий — (Хурсанд. Матмусага) У кишининг қандай кашфиётлари бор, деган эдингиз?
Матмуса — (дарҳол) Ал-Жабрий олий риёзиёт тенгламалари устида бир неча кашфиётлар қилган, шунингдек, бу олимнинг Сириус юлдузлар туркумининг мавқеи тўғрисида бирмунча фаразлари бўлиб, булар ҳозирги замон илми кўрсаткичларига маълум даражада яқин келади.
Маҳмудий — (Одилжонга) Матмуса Жалилович ҳамма соҳадан хабардорлар. (Матмусага) Сиз Одилжонга кўча ҳаракатининг янги қоидалари тўғрисидаги фикрларингизни айтиб беринг.
Матмуса — Хўп бўлади. Модомики жамият...
Маҳмудий — Узр, Матмуса Жалилович, сизлар суҳбатлашиб ўтиринглар. Мен Одилжонга ҳам овқат сузиб чиқаман. (Одилжонга) рўзғор ўзимизга қолган, дўстим...
Одилжон — Овора бўлма.
Маҳмудий — Овораси йўқ... Мен... Ҳозир...
(Чиқади).
Матмуса — Модомики...
Одилжон — Қани, Матмуса Жалилович, Мизроб келгунча биттадан отайлик. Сизнинг соғлигингиз учун. (Стаканни унинг қўлига тутади.) Қани, олдик (ичишади).
Матмуса — Бр... р... бай-бай-бай, жонвор-ей.
Одилжон — (Унинг характерини камтаринлик ва одамохунлик деб қабул қилади ва сидқидилдан кулади.) Матмуса Жалилович, кўчангизнинг эски номи нима эди?
Матмуса — А... (Шапиллатиб овқатланишда давом этади.)
Одилжон — Алжабрий кўчасининг эски номи...
Матмуса — Ал-Жабрий ўрта асрнинг буюк...
Одилжон — Айтингиз. Мен ўша кўчанинг эски номини сўраяпман. Нима эди? Ит... ит..
Матмуса — Итбоқар.
Одилжон — Таажжуб. Нега бундай деб аташган экан. Балки бу кўчада кўпроқ ит боқилган бўлса керак.
Матмуса — Эсимга тушиб қолди. (Косани кўтариб, охиригача ичиб қўяди) Мен ҳам бир ит боққанман. (Матмуса шира кайф таъсирида ўйнаётган ролини эсдан чиқаради.) Оти қоплон. Во! Аммо лекин бунақа зўр ит дунёда бўлган эмас. Бир кун Чимкент томондан бир итбоз келиб қолди. Ити ит эмас — эшшак. Бўйи сиздан бир қарич баланд.
Одилжон — Ёпирай...
Матмуса — Ҳалигини кўрган бошқа итлар думини хода қилиб қолди. Мен чиқиб бордим. Неча пул тикасан дедим? Минг сўм, деди. Мен Қоплоннинг қулоғига: «Аканг ўргилсин, — дедим, — манови эшакка тобинг қалай?» Қоплон: «Мени қўйвор, ўзим боплайман», деди. Қўйвордим. Бир пайт Қоплоним ҳалиги итнинг мана шу еридан (Одилжоннинг гарданидан маҳкам ушлайди) ғарч тишлаб, мана бундай, мана бундай, мана бундай айлантириб... (Одилжонни гир-гир айлантиради.)
Одилжон — Матмуса Жалилович, Матмуса Жалилович...
Матмуса — Яна бир айлантириб, мана шундай улоқтирди. (Одилжон диванга бориб тушади.)
Одилжон — Матмуса Жалилович.
Матмуса — Ҳалиги ит шўрлик лайчага ўхшаб «ванг-ванг» қилади ( Одилжон Матмусанинг кўзини шамғалат қилиб қочмоқчи бўлади.) Бир пайт қарасам итининг аҳволини кўрган ҳалиги олифта жуфтакни ростламоқчи. «Ҳов, номард, қаёққа?» (Одилжон тўхтайди) Шундай дедиму, шарт ёқасидан ушлаб мана бундай қилиб ўтқизиб қўйдим. (Креслога ўтқазади) «Қани, пулни чўз, номард, бўлмаса қулоқ-чаккангни ёриб қўяман». (Қулочкаш қилиб турганда тарелкада овқат олиб Махмудий киради.)
Маҳмудий — (Сирнинг фош бўлишидан қўрқиб) Матмуса Жалилович, сизни телефонга чақиришяпти. Нариги уйга...
Матмуса — Телефонга? (Одилжон тескари қараб эгнини тартибга солаётганидан фойдаланиб Маҳмудий Матмусани қаттиқ чимчилаб олади. Матмуса бир сакраб) Кечирасизлар, мен ҳозир... бир минутга... (Чиқади.)
Маҳмудий — Кечирасан-да, дўстим, директор маданиятдан сал...
Одилжон — Нега? Аксинча. Матмуса Жалилович менга жуда ёқдилар. Оддий, самимий. Билмаган одам сира директор демайди.
Маҳмудий — Шундай.
Одилжон — Энди мен борай. Йўлим тушиб, сени кўргани кирувдим. (Матмусанинг шарпасини эшитиб) Хўп, хайр.
Маҳмудий — Овқат-чи?
Одилжон — (Деярли қочиб чиқади) Кўришамиз, гаплашамиз...
Маҳмудий — (Блокнотига ёзиб қўяди) «Кўришамиз, гаплашамиз...» Яхши! Матмуса!
(Матмуса бош эгиб киради)
Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши. Нима қилиб қўйдингиз?
Матмуса — Ўзингиз эркин гаплашиш керак деган эдингиз-да...
Маҳмудий — Эркин гаплашмай ўлинг. Бошлиқ деган шунақа бўладими? Одилжон сезган бўлса, бу гапни оламга ёйса нима бўлади? Уч ойлик меҳнатим бир пул бўлди. Матмуса — ҳали ўша Матмуса. Эссиз меҳнатларим, уйқусиз кечаларим. Бўлди. Мен янглишибман. Эртага илмий советга бориб барча хатоларимни бўйнимга оламан. Сиз ҳам хатони бўйнингизга олинг-да, ўша ҳаммоллигингизга боринг.
Матмуса — Тавба қилдим.
Маҳмудий — Бўлди. Мен умримни бекор ўтказмайман. Мен катта ишлар учун яратилган одамман! Гап тамом!
Матмуса — Жон ака! Мени ҳайдаманг. Мен энди қандай қилиб ҳаммоллигимга бораман? Қўлларим оқариб қолди.
Маҳмудий — Сиз — икки ой офтобда юрсангиз — яна ўша Матмусасиз. Қийин бўлганда — менга бўлди. Уч ойлик меҳнатим кул бўлди — бир, умрлик назариям вайрон бўлди — икки, бутун институт олдида шарманда бўлдим — уч. Сиз нима йўқотдингиз? Бўйнингизнинг кирини йўқотдингиз, ғирт омелигингизни йўқотдингиз, бошингиздаги патакни йўқотдингиз. Бўпти. Орамиз очиқ. Сизга жавоб.
Матмуса — Тавба қилдим. Минбад тавба қилдим. Иккинчи бундай қилмайман.
Маҳмудий — (Бир оз жаҳлдан тушиб) Ўрнингиздан туринг. Бир нарсани сира унутмангки, бошлиқ — ҳамма вақт бошлиқ. Идорада ҳам, уйда ҳам, кўчада ҳам, — улфатда ҳам. Сиз Матмусалигингизни бутунлай унутишингиз керак. Мана бу ердан ҳам, (каллани кўрсатади), мана бу ердан (юракни кўрсатади) чиқариб ташлашингиз керак.
Матмуса — Чиқариб ташлайман.
Маҳмудий — Ҳамма ишни бошқатдан бошлаймиз. Диванга ётинг. Оёқларингизни узатинг. Кўзингизни юминг... (Чироқ ўчади) Кўз олдингизга келтиринг, сиз катта амалдорсиз...
(Матмуса уйқусида аста дивандан туради. Ўргатилган қадамлар билан юриб креслога келади. Қўл, оёқларини чалиштириб, бошини бир оз орқага ташлаб аста ўтиради. Қўнғироқни чалади. Жуда башанг кийинган, бўялган секретар қиз шаклида Сунбул киради.)
Секретар қиз — Чақирдингизми, Матмуса Жалилович?
Матмуса — Айтинг. Кирсин!
Секретар қиз — Хўп бўлади (чиқади. Қўлтиғида папка кўтарган, икки қўли кўксида — ходим киради — қуллуқ қилиб туради.)
Матмуса — (майин) нега топшириқни бажармадинг? (Дағдага билан) нега топшириқни бажармадинг?
Xодим— Бир қошиқ қонимдан ўтинг...
Матмуса — Чора кўрамиз! Ҳа, чора кўрамиз! Жавоб! (Ходим чиқади. Бир неча қоғоз кўтариб секретарь қиз киради. Матмусанинг орқасига ўтиб, бир қўли билан унинг сочларини силайди, бир қўли билан қоғозларини Матмусанинг елкасидан ошириб столга қўяди. Матмуса юзларини билакка қўйиб эркаланади.)
Матмуса — Қаерга қўл қўяман, жоним?
Секретар қиз — Жоним, мана бу ерга қўл қўясиз...
Матмуса — (Қўл қўяр экан) Бугун ишдан кейин балиқ овига борамиз.
Секретар қиз — Демак, бугун ҳаётимда энг бахтли куним бўлади.
Матмуса — Жонгинам...
Секретар қиз — Жонгинам... Чарчадингиз, ухланг, мен сочларингизни силаб тураман. (Матмуса эркаланиб нозаниннинг қўлига бош қўйиб уйқуга кетади, қоронғулик чўкади.)

ИККИНЧИ МАНЗАРА

Бир йил ўтди. Маҳмудийнинг хонаси. У стол ёнида ёзиб ўтирибди. Башанг кийинган Матмуса киради.

Матмуса — Салом, устоз!
Маҳмудий — (Ишдан бош кўтариб, унга ҳавас билан қарайди) Салом, Матмуса Жалилович! Комбинатнинг ишлари қалай?
Матмуса — Корхона ишлари яхши кетяпти, устоз. (Креслога ўтириб оёқларини чалиштиради.)
Маҳмудий — Бугун илмий советда нутқ сўзлашингиз керак. Бир йиллик меҳнатимизнинг ҳисоботини беришимиз керак, ёдингизда борми?
Матмуса — Ёдимда бор, устоз.
Маҳмудий — Йиғилишга шаҳарнинг ҳамма йирик олимлари таклиф қилинган. Институтнинг катта зали тўла одам бўлади. Ҳеч бир ҳаяжонланмасдан, ўзни йўқотмасдан ўша иккаламиз тайёрлаган ёзув асосида қирқ минут нутқ сўзлайсиз. Саволлар бўлиши мумкин. Хотиржам жавоб бераверасиз. Билмаганингизни уялмай билмайман, деб айтаверинг.
Матмуса — Хўп бўлади, устоз.
Маҳмудий — Менга савол бўлмаса, институтга кетдик. Ихтиёримизда бир соат вақт қолди.
Матмуса — Битта савол бор (Ўрнидан туриб, Маҳмудийнинг олдига келади. Оёқларини кериб, қўлини чўнтагига солиб туради.) Маҳмудий — Хўш?
Матмуса — Сиз мени шаҳарнинг ҳамма олимларига кўрсатиб, мана мен кўчада юрган саводсиз, маданиятсиз одамдан тайёрланган директор, дейсиз. Мен минбарга чиқиб сайраб бераман. Ҳамма сизга қарсак чалади. Шундан кейин мен яна корхонага қайтиб бориб ўз курсимга ўтираманми? Яна директорлик қилавераманми? Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз, устоз?
Маҳмудий — Ҳеч ким онасининг қорнидан олим ёки раҳбар бўлиб туғилмайди. Ҳамма файласуфлар, ҳамма мутафаккирлар юксак минбарлардан ваъз айтгунча бола бўлиб шаталоқ отиб югурадилар, талабалар билан гурпаклашиб имтиҳонларга тайёрланадилар, икки олиб йиғлаб юрадилар. Ҳеч ким уларга кеча сен бола эдинг, тупроқ ўйнаб юрар эдинг деб таъна қилмайди. Сиз ҳам таъна эшитмайсиз. Улардан сизнинг фарқингиз шу бўладики, улар мана шу сифат ўзгаришни ўн-ўн беш йилда босиб ўтсалар, сиз бир йилда ўтдингиз. Сиз машҳур одам бўласиз, янги илмий дунёқараш мужассам бўлган шахс бўласиз.
Матмуса — Сизнинг фикрингиз шундайми, устоз?
Маҳмудий — Ҳа, шундай.
Матмуса — Энди менинг фикримни эшитинг. Мен янги илмий дунёқараш мужассам бўлган машҳур шахс бўлишни истамайман. Мен фақат оддий камтарин директор бўлишни хоҳлайман. Бизга ўхшаган фақирларга шу ҳам бўлаверади.
Маҳмудий — (Ҳайратда) Бу нима деганингиз?
Матмуса — Бу шундай деганимки, бугунги мажлисингизга мен бормайман. Чунки мен катта бир корхонанинг директориман, академик Павлов таржима қилган ит эмасман.
Маҳмудий — Таржима эмас, тажриба.
Матмуса — Энди бунинг аҳамияти йўқ. Чунки шу соатдан сизнинг устозлик, менинг шогирдлик муҳлатим тугади. Биз роппа роса бир йилга келишган эдик.
Маҳмудий — (Зўраки кулиб) Дуруст, дуруст. Ҳазилга ҳам чакана эмассиз. Ўйлайманки, бугунги имтиҳондан сиз аъло ўтасиз. Кетдик. Вақт ўтмасин.
Матмуса — Менда ҳазил нима қилади? Сиз мени ҳазилга ўргатибсизмики, менда ҳазил бўлсин. Мен сиз учун одам эмас, эксперимент қуроли, ўз тилингиз билан сомнамбула бўлдим холос. Сиз менинг бошимга бош деб эмас, харита деб қарадингиз. Менга илм берганингиз учун ташаккур, аммо мени хор қилганларингиз, карра жадвални ёдлолмаганимда уч кун оч қўйганларингиз эсимдан чиқмайди. Мен ахир одам эдим-ку. Ёки илми йўқ, мартабаси йўқ одам эмасми? Сиз бугун мени нега сизлаяпсиз? Сиз Матмусани эмас, директорни сизлаяпсиз, мана бу макентош билан бу шляпани сизлаяпсиз!
Маҳмудий — Ё тавба! Бу гапларни қаердан ўргандингиз?
Матмуса — Буларни мен ўша вақтларда ҳам билар эдим, лекин шундай силлиқ қилиб айтаолмасдим. Сиз фақат тилимни буро қилдингиз.
Маҳмудий — Ичингизда шунча дардингиз бормиди? Афсус, билмаган эканмиз.
Матмуса — Сиз ўз илмингиздан бошқа нимани билардингиз? Сизга атрофингиздаги одамлар нима-ю, нарсалар нима — барибир. Бир йил ичида сиз мени қанча ўрганган бўлсангиз мен сизни ундан ҳам кўпроқ ўргандим. Сиз оғзингизни очмасингиздан айтмоқчи бўлган гапингизни биламан. Ҳамма хаёлларингиз, ҳамма ниятларингиз менга беш қўлдай аён. Мақсадингиз мени ўқитиб, таълим бериб одам қилишми? Йўқ! Ундай бўлса мени ё ҳунар мактабига ё бирор сиртқи ўқишга киритиб қўяқолган бўлардингиз. Ахир мен яхши биламан: бу дунёда биров бекор беш тийинлик наф етказмайди. Шунинг учун бошида мен ажабланиб: мени ўқитишдан сизга нима фойда бор? — деган эдим. Энди билсам сиз мени олимлар ўртасига олиб чиқиб айиқ қилиб ўйнатмоқчи экансиз.
Маҳмудий — (Кўкка қўл чўзиб) Эй парвардигор! Бормисан? Бор бўлсанг, ерга тушиб мана бу расволикни томоша қил!
Матмуса — (Қаҳ-қаҳ уриб) Сиз дахрийсиз-ку. Мени ҳам ўзингиздек даҳрий қилдингиз. Авваллари худодан кўрқар эдим. Энди ҳеч нарсадан қўрқмайман. Хайр, саломат бўлинг, мен кетдим.
Маҳмудий — Тўхта, қаёққа?
Матмуса — Қаёққа боришимни энди ўзим биламан.
Маҳмудий — Эҳ, Матмуса, Матмуса! Сен ахир одамсан-ку. Нега менинг ҳолатимни тушунмайсан? Ахир сен бугун мажлисга бормасанг, мен бутун умрга шармандаи шармисор бўламан.
Матмуса — Сиз шармандаи шармисор бўлманг деб, мен ўзимни шарманда қилайми?
Маҳмудий — Ахир биз қанча меҳнат қилдик, анча азоблар чекдик. Шунча машаққатли йўлнинг охирги қадами қолди. Бундан кейин мен ҳеч қачон сени... сизни безовта қилмайман. Сўнгги қадам, бир қадам холос...
Матмуса — Сўнгги қадам. Сиз мени олдингизга солиб, ҳайдаб, мана шу мен турган чўққига олиб келдингиз. Олдимда жарлик. Сўнгги қадам мени жарга қулатиб, сизни чўққига олиб чиқади. Йўқ, бу қадамга мен рози эмасман.
Маҳмудий — Эҳ, нодон, нодон! Йўқ, мен ўзим нодонман! Эсиз меҳнатларим, эсиз чеккан заҳматларим.
Матмуса — (Чўнтагидан бир пачка пул чиқариб столга қўяди.) Мана буни олиб қўйинг. Бу ўша меҳнатларингиз, заҳматларингизнинг ҳақи. Мен сиздан олган беш юзу йигирма сўм ҳам шунинг ичида. (Маҳмудий ҳанг-манг бўлиб қолган.)
Энди мен борай. Ҳали замон бошқармада мажлис бошланади. Эртага эрталабдан яна мажлис.
Маҳмудий — (Ёлвориб тиз чўкади.) Мана шу оқарган сочларим ҳурмати, сенга бир ҳарф ўргатиш азобида пешанамга тушган ажинлар ҳурмати, менга шафқат қил. Матмусамисан, Жалиловичмисан, гўрмисан, бадтармисан — икки дунёда бировга хор-зор бўлмагин — оёқларингни ўпай, бир умр хизматингни қилай — менга шафқат қил. Гапирмасанг ҳам ярим соат ўша ерда ўтириб кел... Жон Матмуса Жалилович!
Матмуса — Ўрнингиздан туринг. Уят бўлади. Гапимни эшитинг.
Маҳмудий — Нима дейсиз? Қулоғим сизда. Айтганингизни қилай.
Матмуса — Мен сизнинг чеккан машаққатларингизни биламан. Майли, ўша азоблар ҳаққи...
Маҳмудий — Ўргулай сиздан, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Мен учун кечирган уйғоқ кечаларингиз ҳаққи...
Маҳмудий — Қурбонингиз бўлай, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Мендек ғофил бандани камолга етказганингиз ҳаққи...
Маҳмудий — Хизматингизни қилай, Матмуса Жалилович!
Матмуса — ...Сизни ўзимга ўринбосар қилиб оламан.
Маҳмудий — А?! (Гандираклаб диванга ўтириб қолади.)
Матмуса — Аҳволингизга бир қаранг. Юзингизда ранг қолмапти. Бошингизга мусича ин қўйса бўлади. Олимлик шунақа машаққат бўлса, нима қиласиз ўзингизни қийнаб? Ундан кўра менга ўринбосар бўлинг. Тагингизда машина, пичоғингиз мой устида бўлади.
Маҳмудий — (Йиғлаб) Гапиринг, гапиринг, марҳаматли хўжайин!
Матмуса — Сиз доим мен билан бўласиз. Менга нутқлар, маърузалар тайёрлаб берасиз, энг яқин маслаҳатчим бўласиз. Мен бу нутқларни баланд минбарлардан қойил қилиб ўқиб бераман. Мен мартаба зиналаридан кўтарилиб бораман, сизнинг илмий ишларингизга шароит яратиб бераман. Ахир сиз олимлар бамисоли ғарқ пишган шафтолисиз. Сизга мана бизга ўхшаган тирговичлар керак. Мен сизга жуда йўғон, бақувват тиргович бўламан.
Маҳмудий — (Ирғиб ўрнидан туради.) Бўлди, бўлди. Ҳаммаси равшан. Бу одам руҳий дардга йўлиққан. Тезда клиникага олиб бориш керак. Мен ҳозир телефон қиламан. Телефон қани? Балки Наполеонлар палатасига ётқизармиз....
Матмуса — Ўзингизни урунтирманг, собиқ устоз. Менинг жойим Наполеонлар палатасида бўлса, мени директорлик лавозимига кўтарганларнинг жойи қаерда бўлади? Нодонлигимни донолик деб, таваккал айтган гапимни башорат деб атрофимда парвона бўлаётганларнинг жойи қаерда бўлади? Ўзингизнинг жойингиз қаерда бўлади, Мизроб Маҳмудий!
Маҳмудий — Йўқол кўзимдан, иблис! Менга кўринма! (Столдаги пачкали пулни унга отади.)
Матмуса — Мен кетаман. Лекин кўзингизга кўринмай иложимйўқ. Ахир мен сизга куёв бўладиган одамман.
Маҳмудий — Нима, нима?
Матмуса — Ҳали сиз шўрлик бу гапдан ҳам бехабар бўлсангиз керак. Биз синглингиз билан оила қурадиганмиз.
Маҳмудий — Бўлмаган гап! Мен омон бўлсам Сунбулнинг тирноғини ҳам кўрмайсан! Чиқ уйдан!
Матмуса — Ўзингизни қийнаманг, азиз қайин оғам.
Саломатлигингиз бизга керак. Синглингиз билан ҳамма гапни келишиб қўйганмиз. У ёғини сўрасангиз биз аллақачон эру хотинмиз.
Маҳмудий — Нима?!
(Шу пайт ҳаллослаб Сунбул киради.)
Сунбул — Ака, нима қилиб ўтирибсизлар? Зал тўлган, ҳамма келди — сизлар йўқ. (Ўларнинг авзойига қараб) Нима гап ўзи?
Маҳмудий— (Сунбулга яқин келиб) Сунбул, сингилгинам! Менга қара! Мана бу иблис бизга туҳмат қиляпти. Оиламизнинг шаънига доғ туширмоқчи. У ёлғон гапиряпти. Унинг гаплари ёлғон. Шундайми? Сунбул, гапир! Нега жим турибсан?
Сунбул — (Йиғлаб) Ака, акажон, мени кечиринг...
Маҳмудий — (Бошини чангаллаб) Даҳшат! Даҳшат! Бу қандай шармандалик! Эй замин, нега ёрилиб мени ютиб кетмайсан?
Матмуса — Дод-войнинг фойдаси йўқ. Ундан кўра ака бўлиб, ота бўлиб бизга оқ фотиҳа беринг. Бугунги кафедаги ўтиришни тўйга айлантириб қўяқолайлик.
Маҳмудий— (Сунбулни тўсиб) Йўқ, йўқ! Синглим, кўряпсанми? Бу даҳшатли одам. Қараб туриб сени бахтсиз қилмайман. Сени унга бермайман. Кет, кет, Азозил! Кўзимга кўринма!
Матмуса — Ҳали шунақами? Сиз икки ёшнинг соф муҳаббатига тўсиқ бўлмоқчимисиз? Йўқ! Унақа замонлар ўтиб кетган! Синглингизни тўрт девор ичида сақлашга ҳаққингиз йўқ! Унинг эрки ўзида. Унинг муҳаббатига ҳеч ким ғов бўлолмайди. (Сунбулга) Сунбулхон, жонгинам, мен билан юринг. Бу диққинафас уйдан кетайлик.
Маҳмудий — Ҳаққинг йўқ. Сунбулнинг ўзи рози эмас. У сен билан кетмайди!
Матмуса — Кетади. Кетмай қаёққа боради? (Оёқ остида ётган пачка пулни олиб чўнтагига солади.) Майли, бу сизнинг тўёнангиз бўлақолсин. Қани, Сунбулхон, олдимга тушинг.
(Сунбул тисарилади. Матмуса уни маҳкам билагидан ушлаб тортқилаб олиб чиқади.)
Сунбул — Ака, акажон, мени кечиринг...
Маҳмудий — Дод, хонавайрон бўлдим! Хону-монимга ўт кетди, дод!

П а р д а


УЧИНЧИ ФАСЛ

(Хотима ўрнида)

Ўша хона. Деразадан қор босган ўрик шохлари кўринади. Маҳмудий ёлғиз. У печка ёнида ўтирибди. У илмий ишининг сўнгги саҳифаларини ёндирмоқца. Атрофида бўшаган қоғоз папкалари.

Маҳмудий — Ён, менинг бир умрлик меҳнатим, орзу-умидларим, ён! Сенинг сўнгги саҳифаларинг билан хайрлашмоқдаман. Мен хаёлимда тиклаган иморат вайрон бўлди, ёниб кул бўлди.
Мен доим тушимда ёнаётган китобларни кўрар эдим. Бу ички туйғунинг, номаълум бир сезгининг огоҳлантириши, туғёни экан. Менинг умрим ёниб ўтаётган экан.
Мана ёшим қирққа қараб кетди. Умрнинг гули бўлган ёшлик орқада қолди. Ҳей, Маҳмудий, ўзингга бир ҳисоб бер! Сен фақат меҳнатни, институтни, лабораторияни билдинг. Мана бу қўлёзмаларингни, мана бу харитангни кўрдинг. Одам танимадинг. Илминг, шуҳратинг — одамлар билан сенинг ўртангда девор бўлиб қолди. Матмуса ҳақ. Сен ўзи ўраган пилланинг ичида қолган ипак қуртисан. Қурт бўлганда ҳам одамларга нафи тегадиган, ипак берадиган қурт эмас, ичидан капалак чиқадиган қурт бўлдинг. У капалак энди ўзингнинг устингда қанот қоқиб юрипти.
(Шароб қуйиб ичади.)
Бугун йилнинг охирги куни. (Календарнинг сўнгги варағини йиртиб олади) Бир йил! У мана шу бир варақ қоғоздай ёниб кетди. (Ўтга ташлайди) У билан бирга менинг ишончу эътиқодим, мен муқаддас деб билган орзу, маслагим ёниб кетди. Қани, айт, Маҳмудий, сенинг маслагинг нима эди? Сенинг эътиқодинг — инсон тафаккурига ишонч эди. Сен унинг имкониятлари чексиз деб, бу имкониятлар фақат эзгуликка сафарбар бўлади деб имон келтирган эдинг. Сен бир жоҳил зотни одам қилиб, камолотга етказмоқчи эдинг. Оқибат нима бўлди? Жонингга қасд қилган жаллодга қилич қайраб бердинг. Бу қилич энди бир умр бошингда туради. Вақтида келган ўлим инсоннинг бахти экан. Дунёга ишончинг йўқолмасдан аввал ўлиб кетганинг улуғ саодат экан. Одамларга меҳринг совумасдан олдин тананг совугани яхши экан. Мен қирққа етмасдан маънавий жувонмарг бўлган одамман. Энди бу ёғига қурук гавдани соядек судраб ўтиб кетишим керак. Нимага керак менга бунақа ҳаёт?
(Одилжон киради.)
Кел, дўстим Одилжон, нега шам кўтариб келмадинг? (Одилжон ҳайрон) Ахир қабристонга шам кўтариб борадилар.
Одилжон — Нималар деяпсан, Мизроб?
Маҳмудий — Кел, ўтир! Менга қанақа янгиликлар олиб келдинг!
Одилжон — Янгилик шуки, сенинг Матмусанг бошқармага кўтарилди.
Маҳмудий — Матмусам ўлиб, Матмусасиз қолайин, — у қанақа ишга ўтди?
Одилжон — У энди бошқармада бўлим бошлиғи, одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган жойда ўтирибди.
Маҳмудий — Бу ҳали ҳолва. У институтга раҳбар бўлиб келади-да, мени институтдан ҳайдайди.
Одилжон — Тавба. Ўзингдан чиққан балога қайга борурсан давога...
Маҳмудий — Кул, хандон ташлаб кул. Менинг устимдан бутун олам куляпти.
Одилжон — Кулиб эмас, куйиб гапиряпман. Эсингда борми, бу тажрибангни эшитган куним сендан: Матмуса қанақа одам, инсонлиги, фазилатлари қанақа деб сўраган эдим. Шунда сен уни фарзинга ўхшатган эдинг. Мана ўша фарзин, пиёдадан чиққан фарзин ўзингни мот қилиб турибди.
Маҳмудий — Бундай бўлишини билсам, уни пиёдалигида янчиб ташлар эдим. Бир беозор чуволчанг шунақа даҳшатли аждаҳо бўлишини қаёқдан билай?
Одилжон — Эҳ, дўстим Мизроб! Шундай ажойиб олим бўлибсану, лекин ҳали ҳам ўша гўдаклигингча қолибсан. Сен одамшунос-руҳшунос экансану, одамларни ҳатто ўша Матмусачалик ҳам билмас экансан. Ҳаётга илм фазоларидан қараб ундаги хас-чўпларни кўрмай қолибсан. Бу дунёда Матмусага ўхшаган одамлар кўп. Улар ҳамма нарсага манфаат кўзи билан қарайдилар. Табиат уларнинг икки кўзини тарозунинг палласи қилиб яратган. Улар бу торозуда одамларни тортадилар. Ҳаёт уларни ким билан дуч қилса аввало ўша тарозунинг бир палласига уни, бир палласига ўзларини қўядилар. Юқоридаги одамга қулбаччадай хизмат қиладилар, қуйидагини эса эшак қилиб минадилар..
Мана, сенинг Матмусанг шунақа одам. Сен шундай одамнинг тилини бурро, ўзини доно қилдинг. Сен берган илмунинг қўлида гурзи бўлади.
Маҳмудий — Мен-ку кўр, нодон эканман, яхши-ёмонни билмайдиган гўл эканман, одамларга нима бўлди? Нега ҳеч ким уни фош қилмайди? Унинг даражаси менга маълум-ку. Ўқиш, ёзиш, силлиқ гапиришни билгани билан ҳали тафаккури мустақил хулосалар чиқаришгача бориб етгани йўқ. Ҳатто олий маълумоти йўқ.
Одилжон — Қишлокда ўсгансан-ку, девпечакни кўрганмисан? У ўзича ердан бир қарич ҳам кўтарилолмайди. Матмуса сенинг елкангдан ошиб баландроқ дарахтларга чирмашиб олди. У ҳали кўп дарахтнинг илдизини қуритади. Девпечак дарахтни бўғишдан олдин у билан дўст бўлар экан. Садоқатини билдириб, дўстлик, меҳр, оқибат ҳақидаги афсоналар билан уни ўраб ташлар экан. Алла айтиб ухлатиб қўяр экан-да, уйқусида бўғар экан.
(Сунбул киради. Йиғлаб ўзини акасининг қучоғига отади.)
Сунбул — Пешонам қурсин, пешонам! Қувғинди бўлдим.
Маҳмудий — Қувғинди бўлдим? Нима учун?
Сунбул — Матмусангиз энди мен билан турмас эмиш.
Маҳмудий — Нима сабаб?
Сунбул — Мен ҳаётдан орқада крлган эмишман...
Маҳмудий — Ана! Одилжон, дунёнинг ишларини қара! Бир йил бурун шу уйга исқирт камзулда, яғир иштонда кириб келган у зот маданий, билимдон бўлибдилар-у, унга алифбедан тортиб илми нужумга қадар ўргатган бир институт талабаси ҳаётдан орқада қолибди! Сен мухбир бўлиб ҳар кимдан интервью олавермай мана бунақа гапларни ёзсанг бўлмайдими? (Сунбулга) Оқибат мана шундай бўлиши керак эди. Кўнгил кўйига юрмоқнинг жазоси шу.
Сунбул — Нима қилай, ака? У менинг қадримга етар, деб ўйлаган эдим.
Маҳмудий — (Қўл силтаб) Эй, сиз аёллар, сизларни ҳеч тушуниб бўладими? Тошдан қаттиқ ҳам, ипакдан майин ҳамсизнинг кўнглингиз. (Одилжонга) Мана шунинг учун дунёдан бўйдоқ ўтиб кетаман, деб аҳд қилганман.
Сунбул — Билмадим, гуноҳим нима экан? Кун бўйи хизматини қиламан, идорасининг ёзишмалари борми, икки оғиз гапирадиган нутқи борми, ҳаммасини ўзим тайёрлайман. Яна кечалари газета ўқиб унга янгиликларни гапириб бераман. Мана энди мендан кўра лобарроғини топиб олибди. (Йиғлайди).
Маҳмудий — Дард устига чипқон деб шуни айтадилар.
Сунбул — Бошида сизга шу тажриба зарурмиди? Уни кўрмай ўтганимда менга бу балолар йўқ эди.
Маҳмудий — Ҳаммасига сабаб кўзнинг кўрлигию пешонанинг шўрлиги.
Одилжон — Мизроб, агар сен ўзинг ясаган қўғирчоқни ўзинг тийиб қўяолмасанг, бу ишни сен учун мен қиламан. Ҳозир бошқармага бориб уни шартта ҳиқилдоғидан тутаман. У ҳакда боплаб фельетон ёзаман. (Чиқа бошлайди.)
Сунбул — Одилжон ака, тўхтанг. Ёлбораман, борманг. Одилжон — Нега? Сизни оёқ ости қилган ўша номарднинг кўзини очиб қўядиган вақт келди.
Сунбул — Йўқ, йўқ! У мен билан турмаса ҳам майли. Фақат унга жабр бўлмасин. Нима қилай, мен ўша бевафони яхши кўраман. (Йиғлайди.)
Одилжон — (Ноилож қайтиб) Мен дунёга подшо бўлганимда ёмонларнинг ёнига қўшиб кўнгли бўшларни жазолар эдим.

Адолат қўлида бўлмаса шамшир
Пок диллар қисмати хўрлик ва таҳқир.
Гўзаллик ўзини қўриқласин деб
Ҳатто гулга тикан боғлаган тақдир.

(Сунбул ҳўнграб йиғлайди.)
Йўқ, мен бунга чидолмайман. Ҳозироқ бориб ўша курсига қўнган тўтиқўшни хиппа бўғаман.
(Эшикка қараб юради. Шу пайт Матмуса кириб келади. У жуда ҳорғин ва паришон аҳволда.)
Матмуса — Овора бўлманг, Одилжон ака. Мен ўзим келдим.
Маҳмудий — Нега келдингиз? Яна менинг устимдан кулганими? Ёки мени ўзингизга югурдак тайинлаб, шу билан табриклагани келдингизми?
Матмуса — Йўқ, марҳаматли устозим, мен сизни бошқа нарса билан табриклагани келдим. Мени бошқармадан ҳайдашди. Сиз менга танк бўлишни ўргатган эдингиз. У даргоҳда замбаракларга дуч келдим. Ғалабангиз муборак бўлсин, устоз!
Маҳмудий — Қояга тирмашган типратиканнинг аҳволи шу. Кўрнамакнинг жазоси шу.
Матмуса — Йўқ, бу аввало сизга берилган жазо. Мен кимман? Мен фақат сиз учирма қилиб чиқарган қушман. Сиз берган қанот биринчи парвоздаёқ узилиб тушди. Сиз менинг қуйруғимга қоғоз ёпиштирган экансиз.
Маҳмудий — Афсус, минг афсус. Сенга кетган меҳнатларимнинг ярмини сарф қилганимда маймундан одам ясаган бўлар эдим. Эсиз шунча чеккан заҳматларим.
Матмуса — Афсус қилманг, сиз ниятингизга етдингиз. Маймундан одам қилолмаган бўлсангиз ҳам, мана, одамдан маймун ясадингиз. Мен гўл, саводсиз бўлсам ҳам одам эдим. Ўз унган жойим, ўз ҳаётим, ўз мақсадим бор эди. Сиз менинг илдизларимни бешафқат қирқиб ташладингиз. Қани у содда одамлигим, қани у Матмуса? Сиз мени ўзимдан ўғирладингиз. Мени ўзимга қайтиб беринг, ўша Матмусалигимни беринг.
Маҳмудий — Мана бу даъвони эшит, Одилжон. Мана бу сайрашга қулоқ сол! Қулоқларинг ором олаяптими? (Матмусага) Менинг ёниб кетган умримни менга ким қайтариб беради? Сени деб йўқотган обрў-эътиборимни кимдан талаб қиламан? Ерга букилган номусни қаердан қайтариб олай? Мен ҳали сени ўзингдан ўғирладимми? Сен уч кун соқол олдирмай юрсанг яна ўша Матмусасан. Мен бўлсам сен туфайли тирик ўлдим, бир ҳовуч тупроққа айландим. Эшитдингми? Энди кет, қайтиб кўзимга кўринма!
Матмуса — Қаёққа бораман? Сомон бозоригами? Ҳаммолликками? Йўқ. Энди бу қўлларим қопга сомон тиқолмайди. У телефон трубкасини ушлашга, столни муштлашга ўрганиб қолди. Мен энди елкамга юк орта олмайман. Чунки, сиз мени туяқуш қилиб қўйдингиз. Туя бўлиб юк ташиёлмайман, қуш бўлиб осмонга учолмайман. (Муаттар киради, ҳайрон бўлиб ҳаммага бир-бир қарайди, сўнг йиғлаб ўтирган Сунбулнинг ёнига келиб уни овута бошлайди.)
Маҳмудий — (Сунбулнинг ёнига келади) Қўй, синглим, йиғлама, бошингни кўтар. Эзилган юрагимни сен ҳам эзма. Мен янглишган эканман. Бу тубан зотнинг онгида тафаккур чироғини ёқмоқчи эдим. Менга чироқ бўлиб кўринган нарса шиллиққурт экан. Мен вафодор ит деб боққан махлуқ бўри чиқиб қолди.
Сунбул — Менинг айбим нима? Мен нима гуноҳ қилдим, одамлар? Чин юракдан меҳр боғлашнинг оқибати шуми? Мен ахир бойлик, мартаба, шону шуҳрат учун яхши кўрганим йўқ-ку. Енгилтак қизлардан эмасман-ку. Мен мана шу одамни ўша эски тўнида яхши кўрган эдим. Унга бутун меҳримни бағишладим, ҳаётда ўрнини топсин деб илму-маърифат ўргатдим. Менинг айбим нима? Одамга ишонганимми? Шунчалар башафқатмидинг, ҳаёт?
Маҳмудий — Қўй, синглим, йиғлама. Биз энди қишлоққа қайтиб кетамиз. Мен бу оламнинг ғавғоларидан кечиб энди тинч осудаликда яшайман. Бир парча ерга деҳқончилик қилиб умр кечираман. Энг ҳалол турмуш ўша экан. Эккан буғдойингдан арпа эмас, буғдой чиқишига ишониб кечалари тинч ухлайсан. (Матмусага) Сенга ҳам, эй манфур банда, агар кўкрагингда инсонликдан зарра учқун қолган бўлса шуни маслаҳат бераман.
Матмуса — Кошки эди шундай қила олсам. Кошки эди аввал бошида шу уйга қадам қўймаган бўлсам. Мен нодон илм олиб нима қилардим? Чориғимни судраб юраверсам бўлмасмиди? Ҳар каталакка сиғиб кетадиган Матмуса бугун дунёга сиғмай қолди. Бу оламда менга ўхшаганларга кун йўқ экан.
Мени кечир, Сунбул, сени бахтсиз қилдим. Мана шу, йигирма уч ёшимда оқарган сочларим ҳаққи мени кечир. Бу уйга фақат сендан узр сўрагани келдим. Менинг тубан ҳаётимда ёруғ нуқта фақат сен эдинг. Сени ҳам йўқотдим. Мен энди одам эмасман. Сизга эса, меҳрибон устозим, яна бир марта таъзим қиламан. Мана бу менга берган туморингиз. У энди керак эмас. Олинг. Ўзингиз тақиб юринг.
(Шахд билан чиқади.)
Сунбул — (Одилжонга) Уни қайтаринг.
Муаттар — Кераги йўқ. У ҳеч қаёққа кетмайди.
Маҳмудий — Ўзини бир нима қилиб қўймасин.
Муаттар — Унинг тақдири ҳақида илгарироқ ўйласангиз бўларди, Мизроб ака.
Маҳмудий — Менга таъна тошини отмаган бир сиз қолиб эдингиз. Ўлганнинг устига тепмоқ, деб шуни айтадилар.
Одилжон — Йўқ. Мизроб. Бу таъна тоши эмас, бу ҳақ гап. Мен шу дақиқаларда хаёлан дунёни айланиб чиқдим. Инсон дегани киму ҳаёт дегани нима? Мен ҳам ўзимни мухбир деб юрган эканман. Юзлаб, минглаб одамлар билан суҳбат қилиб уларнинг меҳнатини, режаларини ёзибман-у, энг муҳим бир нарсани четлаб ўтибман. Мен одамларнинг юрагини, энг муқаддас қалб туйғуларини, эътиқодини унутиб қўйибман. Сен ҳам, дўстим, одамзоднинг ёруғ юлдузини унинг тафаккуридан эмас, юрагидан изламоғинг керак эди. Юрак эса сен билан биз ўйлагандан кўра мураккаброқ экан. Инсон миясининг харитасини тузиш мумкиндиру, аммо юракнинг харитасини чизиб бўлмас. Келажак ақлли машиналар қурар, лекин минг йилда ҳам ҳислик, дардлик бир ҳилқат яратолмас.
Сен бир йил давомида бир одамнинг миясига олам ҳақиқатларини жойлабсану унинг юрак туйғулари билан, дарду алами, орзу армонлари билан қизиқмабсан.
Маҳмудий — Ўз юрагига қулоқ солган одамгина бошкаларнинг юрагини эшитиши мумкин. Мен кўкрагимда нима борлигини эсдан чиқариб қўйибман. Муаттархон, сиз мени кечиринг. Мен энди сизни фамилиянгизни айтиб чақирмайман. Мен учун жуда оғир шу кунларда сизнинг ёрдамингиз, ҳамдамлигингиз керак. Шунга мен муҳтожман. Матмусани ҳаётга қайтаришда менга ёрдам беринг. Шунда мени ҳам ҳаётга қайтарган бўлар эдингиз.
Муаттар — У одамоғир руҳий хасталикка учраган. Асаблари ўта толиққан. Бир неча муддат бизнинг клиникада даволанади.
Лекин Мизроб ака, уни бу дарддан халос қилиш анча мушкул бўлади. Одамлардан устун бўлиш хаёли уни осонликча тарк этмаса керак. Бу касал кейин ҳам қайталаб туради. Шунда одамлар шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиб уни ўз жойига ўтқазишлари керак. Матмусанинг такдири одамларнинг қўлида.
Одилжон — Сунбулхон, Муаттархон, энди тезроқ дастурхон ёзинглар. Ҳа демай янги йил ҳам келиб қолади. Биз бу ташвишли йилни тезроқ кузатиб, янгисини кутиб олайлик.
(Ҳаммалари киришиб дастурхон тузайдилар, қадаҳлар тўлдирадилар. Одилжон саҳна олдига чиқади.)
Бу ҳикоянинг ёзувчиси мен бўламан. Ҳикоя мана охирлаб қолди. Лекин уни қандай тугатсам экан? Мизроб дўстимнинг, Муаттархоннинг, Сунбулхоннинг, Матмусанинг тақдирлари нима бўлади? Буни мен билмайман. Мен ҳали ўз юрагимда нималар борлигини билмайману, бошқаларнинг юрагини қаёқдан билай?

Т а м о м.
1970
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:33:08 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

JaviK

  • Super Member
  • ******
  • Rahmat
  • -aytdi: 1451
  • -oldi: 1144
  • Xabarlar: 2415
  • Jins: Erkak
  • Hammaga sevish, Sevilish nasib etsin!
    • forum.ziyouz.com
Re: Erkin Vohidov. Saylanma. 2-jild. She'r dunyosi
« Javob #6 : 27 Fevral 2010, 15:29:05 »
- «ФАУСТ»ДАН ПАРЧАЛАР -

Узоқ ҳаёт йўлини ўтдиму босиб,
Олам ҳикматини айладим якун.
Ким эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун,
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
И.Гёте


БАҒИШЛОВ

Борлиғим банд этган алдоқ соялар,
Яна бўлдингизми қаршимда пайдо?
Шоядки назмингиз бўлса муяссар,
Ёшлигим шавқлари сўнганми ва ё?
Йўқ, сиз туман каби босиб сарбасар,
Ўйларим чулғанди дудингиз аро.
Сиз билан тин олсам тўлар кўкрагим,
Сиз билан яшарар менинг юрагим.

Мози лавҳалари жонланур яна,
Фусункор тонглару сеҳрли тунлар,—
Жонланур мисли бир ажиб афсона
Ёшлигу илк бора севишган кунлар.
Ўтмиш ва эзгулик соғинчи мана,
Дилимда қўзғаркан аламли унлар,
У ёруғ чошгоҳда бўлганлар омон.
Сизни эҳтиром-ла эслайман ҳамон.

Сўнгги қўшиқларим эшитолмади
Китобим илк бобин тинглаган дўстлар,
Букун ул даврадан ҳеч ким қолмади,
Қайлардадир сўнди илк мақтов сўзлар.
Бебаҳралар фикрин ҳеч йўқ қиммати,
Олқиши дилимга солади музлар.
Ул хассос зарифлар йитди бу замон
Кимсасиз йўлларда бесару сомон.

Яна чорлар мени илоҳий бир ун,
Яна хаёлларга чулғанди бошим.
Сабо арфасидек ҳазин ва сермунг.
Қуйилар сатрлар, қани бардошим!
Музлаган жисмимни эритар букун
Кўзимдан қуйилган қайноқ бу ёшим.
Бу олам чекинур, ўтмиш-чи, аён —
Кўзларим олдида бўлар намоён.


ТЕАТР МУҚАДДИМАСИ

Театр директори, шоир ва қизиқчи

Директор

Сиз икковлон бердингиз мадад
Танг бўлганда неча бор ҳолим.
Айтинг, бу гал келгайми омад,
Кулгаймикин бу гал иқболим?
Халқ беҳисоб бўлса бойлик бешумор,
Бу боис излармен унга на лойиқ.
Тахталар терилган, саҳна ҳамтайёр,
Бизлардан томоша кутар халойиқ.
Қошлар кўтарилмиш, нигоҳлар чанқоқ
Қувончу ҳайратнинг иштиёқида.
Менга аён эрур бу санъат, бироқ —
Букун ёнурман дил иштибоҳида.
Гарчи томошабин диди эмас зўр,
Лекин китоб кўрган, шу боис сергак.
Агар бўлсин десак томоша манзур,
Дўстларим, албатта янги гап керак.
Қани, томошагоҳ бўлсаю тўлиқ,
Атрофида яна оломон турса,
Шу тор эшикларга ҳар кеч халойиқ
Жаннат эшиги деб ўзини урса.
Ёдимда, бир маҳал ҳали ботмай кун,
Бошланарди бунда ғулу, тўполон.
Гўё патта эмас, оч халойиқ-чун
Мана шу дарчадан улашилар нон.
Бундай мўъжизага сен фақат қодир,
Кўрсат сеҳринг яна, азизим шоир!

Шоир

Қўйгил, қора халкдан гапирма асло,
Шовқиндан кўнглимга тушар изтироб.
Оломон ҳисларни ютувчи бало,
Сурон — тафаккурни кўмгувчи гирдоб.
Кўнглим осудалик излар доимо.
Чўққилар ёпиниб туманлик ҳижоб,
Мудраган ул маъво сари бошла, юр!
Илоҳий сукутдан топурман сурур.
Юрак ўз тубида ардоқлаган ҳис,
Лабда қанот ёзмоқ бўлган туйғулар
Ташна кўнгилларда қолдирмаёқ из
Замон суронида дарҳол бўғилар.
Бас, ўйлар тошқинин тиндиролсак биз,
Мукаммал гўзаллик шунда туғилар.
Жилванинг умридур бир лаҳза фақат,
Авлодларга қолур ҳақиқий санъат.

Қизиқчи

Яна авлодларми, тегди-ку жонга!
Меҳнат қилсам фақат келажак онга,
Букунги ёшларни хурсанд қилур ким?
Замонга ёр бўлиш кичкина ишмас,
Чин дилдан кулдириш бачкана ишмас,
Кулки — зар, кўчада ётмас, азизим.
Биздан шодлик тилаб келар халойиқ,
Унга қулоқ солган ҳурматга лойиқ.
Халойиқ кўп бўлса зўр бўлур таъсир,
Азиздир қалбларни қилолган асир.
Қобилият бўлсин, гапнинг сираси,
Жам бўлсин бир ерда акл ва туйғу,
Хаёлнинг парвози, шавқ силсиласи
Сўнг андак топқирлик, бир чимдим кулгу.

Директор

Лекин энг зарури, саргузашт бўлсин,
Кўзга қувонч бўлсин, дилга гашт бўлсин.
Андак ўрин беринг тафсилотга ҳам,
Томоша қалбларни банд этсин токим.
Тўдани ҳангу манг қилолган одам
Унинг юрагига
Бўлолгай ҳоким.
Яхлит гўшт берай деб ўлтирманг толиб,
Халқ ёвғон бўлса ҳам раҳмат айтади.
Ҳар ким чўмичига сиққанча олиб,
Сизга қуллуқ қилиб уйга қайтади.
Фақат кўпчиликка кўп нарса керак,
Баракали бўлсин шунинг-чун қозон.
Яхлитдан халқ учун фойда йўқ, бешак,
Барибир бурдалаб ташлар аламон.

Шоир

Санъатда косиблик — козибликка тенг,
Наҳот одатийдир сизга бу ҳолат.
Бу ерда ноқобил қаламкашларнинг
Ҳурмати баландга ўхшар бағоят.

Директор

Бундоқ таъналардан камина хандон —
Чунки бу гапларнинг барчаси бекор.
Дўстим, ҳар ҳунарнинг ўз амали бор,
Тахтага арра-ю, темирга сандон.
Томошагоҳ агар чор бозоримиз,
Томошабин бизнинг харидоримиз.
Ўйлаб кўринг, недир унинг матлаби?
Биздан нима тилар, асли ўзи ким?
Унинг томошага келиш сабаби...
Барини ҳисобга олмоқ шарт, дўстим.
Биров зериккандан келади бизга,
Бирови шунчаки ҳазми таомдеб.
Бировининг тушиб дониши эсга,
Бир-иккита гўлни қилурман ромдеб.
Хонимлар томоша кўрмоққа тугул
Кўрсатмоққа келур фақат ўзларин.
Улар кўз-кўз қилиб кетишар бепул
Ёкадаги тулки ва қундузларин.
Эй, хаёл кўкида учган шоирим,
Тушинг энди пастроқ, заминга ёвуқ.
Берироқдан қаранг — томошабин ким?
У қўпол, бефаҳм, ҳиссиз ва совуқ.
Бу даргоҳдан чиққач бирон қиморга,
Биров фахш уйига урар ўзини.
Бас, бунда нима бор юксак ашъорга,
Кимга ёқмоқчисиз қалб юлдузини?
Такрор айтаманки, кўп ёзинг фақат,
Гап кўп бўлаверсин, фикр шарт эмас.
Халойиқни ҳанг-манг қилолсангиз, бас,
Сизникидир обрў, сизники шуҳрат.
Нечун ўйга чўмиб қолдингиз бесас,
Ёки илҳом билан қилурсиз суҳбат?

Шоир

Бор, изла ўзингга бўлак хизматкор,
Сен бошлаган йўлга асло бормасман.
Менда тангри бермиш олий ҳуқуқ бор,
Сени деб мен уни лойга қормасман.
Шеърият қалбларни ёқур не сабаб?
Наҳот боис бўлса баландпарвоз гап!
Шоир юрагида пинҳондир олам,
Жаҳоний уйғунлик унда мужассам.
Парвосиз табиат замон чархида
Тириклик ипини йигиргани чоғ
Баркамоллик бўлмас унинг тархида,
Аралашиб кетар гоҳи хас, пўчоқ.
Чарх ишига шунда ким берур тўзим,
Ҳаёт риштасига ким берур оро?
Борлиқнинг бетартиб суронига ким
Мусиқий оҳангдек бахш этар жило?
Кимдир шайдо қалбнинг туғён чоғини
Тўфон шиддатига қилгувчи қиёс?
Кимга муҳаббатнинг ўт фироғини
Сўйлайдур ҳар оқшом ботгувчи қуёш?
Ким ул боғда унган оддий печакни
Шуҳрат гултожига этди баробар?
Кимнинг изми ила олам чечакни
Маҳбублар пойига сочди саболар?
Кимдир ул, забт айлаб Олимп маснадин,
Тангрилар посбони бўлолган қодир?
Улдир одамзотнинг буюк қудратин
Қалбида мужассам айлаган шоир.

Қизиқчи

Шундай экан, демак, илҳомни чоғланг!
Ўшал сеҳрингизни кўрсатинг, наби.
Ҳодисалар ипин тезгина боғланг
Муҳаббат риштасин боғлаган каби.
Ахир севгида ҳам шу бўлур такрор,
Тасодиф учрашув, дўстлик, сўнг оҳ-воҳ,
Уришиш, ярашиш, бўса ва никоҳ.
Мана, қарабсизки, достон ҳам тайёр.
Мана, ёза қўйинг шунинг ўзини,
Бу гап ҳар қадамда — қўл чўзсангиз бас.
Ҳар кимўз қалбини ўзи англамас,
Уни кўрсатсангиз очар кўзини.
Ёлғонни дўндиринг, қайнангу жўшинг,
Лекин икки оғиз рост гап ҳам қўшинг.
Шунда сиз тайёрлаб узатган шарбат
Ҳам арзон бўлади, ҳам жонга лаззат.
Савлат тўкиб шунда эл кўрки ёшлар
Шу эшик олдида йиғила бошлар.
Сиз тутган ажойиб неъматдан тотур,
Ҳар ким ўз қалбига керагин топур.
Барча қулоқ тутиб, кўз қайдадур жим,
Бу даргоҳдан қуруқ қайтмайдур ҳеч ким.
Кулар, кўз ёш тўкар қалби гўдаклар,
Томошадан узмас ҳайрат кўзини.
Кимки тутиб олган бўлса ўзини,
Унга асар қилмас турфа эртаклар.
Лекин қадам қўйган ҳаётга илк бор,
Барин англар, қилар ташаккур изҳор.

Шоир

Сен ҳам менга ўшал ёшликни қайтар,
Ҳаётга илк қадам қўйган онимни.
Қайтариб бер менга оташин байтлар,
Куйларга пайваста жисму жонимни.
Оламни чулғаган тонг тумонида
Ҳайрат кўзин очган чоғларим қайтар.
Ёшликдай етилган баҳор онида
Мени гулга кўмган боғларим қайтар.
Қайтиб бергин менга ёшлигим, у пайт
Ўзим гадо ва лек кўнглим шоҳ эди.
Мен учун ошу нон — шеър ва ҳақиқат,
Илҳомила тўқу кўнглим чоғ эди.
Қайтар менга — ҳали доно бўлмаган
Суронли ул шўху бебошлигим бер.
Меҳри ҳам, қаҳри ҳам сарҳад билмаган
Жунун ошиноси — ўт ёшлигим бер.

Қизиқчи

Ёшлик, азиз дўстим, жангларда керак,
Душман ҳамла қилса у берур сабот.
Жононлар бўйнингга солсаю билак,
Ўзинг кекса бўлсанг — ундан сўр нажот.
Ёшлик керак бўлур маррага қадар —
Лаҳзаларни қучиб югурган чоғинг.
Май ичиб, шод бўлиб то оппоқ саҳар
Суронли даврада ўлтирган чоғинг.
Ва лекин рубобнинг торин чертмоққа,
Ўрганган оҳангинг қилмоққа такрор,
Сўз билан дилларни асир этмоққа.
Азизим, аксинча, кексалик даркор.
Дерларки, кексалик келгач доимо
Болалик қайтармиш, ҳайрон қоламиз,
Аслида ҳаммамиз ўлгунгача то
Оламдан ғофилмиз — гўдак боламиз.

Директор

Бас, етар, сафсата сотмас иш билган,
Бекорчи сиз-биздан қанчалик фойда?
Вақт ўтказмоқ нечун такаллуф билан
Дарҳол келишмоққа имкон бор жойда?
Шеърий кайфиятни тек кутган шоир
Умр сўнгигача кутиши мумкин.
Агар шоир бўлса чинакам олғир,
Илҳом этагидан тутиши мумкин.
Бизга нима керак сизларга аён,
Сиздан шинни қилиш — бизлардан қозон.
Тезгина киришинг, фурсат кутмайди,
Шартта қилинмаса ҳеч иш битмайди.
Кун ўтдими тамом қайтмайди у ҳеч,
Иш жиловин тутинг, то бўлмасин кеч.
Немис саҳнасида, кўринг ўзингиз,
Ким нима хоҳласа қилиб ётибди.
Сиз ҳам иш кўрсатинг етса кўзингиз,
Қандай асбоб керак тўлиб ётибди.
Сизга нур керакми — мана чироқлар,
Қанча керак бўлса аяманг, ёқинг.
Мана бунда бўрон — бунда чақмоқлар,
Ёнғин керак бўлса бу ёнга боқинг.
Бутун коиноту юлдузли олам —
Шу кичик саҳнада бўлмиш жамулжам.
Осмон қабатларин баридан ўтиб,
Бунда тушмоқ мумкин токи жаҳаннам.


АРШИ АЪЛОДАГИ ДЕБОЧА

Тангри, само қўриқчилари, сўнг Мефистофель. Уч малоика

Рафоил

Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб —
Гулдурос таратиб фалак қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.
Ҳайрат нигоҳини тикмиш малаклар,
Ажабким, куч бермиш белгисиз дунё.
Яралиш онидан то бу дам қадар
Мангу машаррафдир сунъи таоло!

Жаброил

Ақл бовар этмас суръат-ла замин
Маҳвар даврасида чарх ураётир.
Зулмат кечасининг қувлаб қадамин,
Жаннат нурин сочиб тонг тураётир.
Денгизлар хубобдин юзга тўр тортиб,
Вазмин қояларни ювар дамодам.
Қоя, денгизларни елкага ортиб,
Елиб бормоқдадир курраи олам.

Микоил

Йўлида не кўрса отиб серзарда,
Жунун туғёнида кўтариб сурон,
Гоҳи уммонларда, гоҳ саҳроларда
Ҳукм сурмоқдадир даҳшатли бўрон.
Титрар гулдиракдан гумбази даввор,
Шамширин кўтарур ер узра чақин.
Ва лекин, эй холиқ, бул мўъжизакор —
Сенинг қудратингга ўқиймиз таҳсин.

Учовлон

Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб,
Гулдурос таратиб фазо қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.

Мефистофель

Малоикалардан, эй тангрим, яна
Сўроқлаб турибсан: «Оламда не гап?»
Авваллар мени ёт тутмасдинг. Мана,
Ҳузурингга келдим мен ҳам шу сабаб.
Биласанки, сўзга чечанлигим йўқ.
Баъзи малаклардай ваъз айтмамқуруқ.
Агар баландпарвоз нутқ сўзлар бўлсам
Юмалаб кулардинг ҳаттоки сен ҳам.
Гапирмайман, юлдуз, сайёралардан,
Сўзлайман ер узра оворалардан.
Инсон — коинотда кичкина худо,
Шундай яралган у азал ибтидо.
У балки тузукроқ яшарди букун,
Сен солмаган бўлсанг кўнглига учқун.
Ўша учқунни у ақл деб атар,
Куни у туфайли ҳайвондан баттар.
Кечир, гарчи унга бердинг башар от,
Аммо яшаётир мисли ҳашарот.
Худди чигирткадек хас-чўплар аро
Гоҳ учар, гоҳ сакрар, гоҳ тузар наво.
Майли эди юрса маконида жим,
Ҳар ишга тумшуғин суқар у, тангрим!!

Тангри

Арзинг шуми? Яна ўша эски гап!
Бир ишкал топурсан ҳар ишдан, ажаб?
Рўзи оламдин сен, демак, норизо?

Мефистофель

Тангрим, оламингда иш жуда расво!
Шундай уқубатда яшарки одам —
Раҳмим келар унга ҳатто менинг ҳам.

Тангри

Фаустни танирсан?

Мефистофель

Табибми?

Тангри

Қулим.

Мефистофель

Гапинг тўғри, аммо тоат усулин
Бажо этар қулинг ғоят турфа ҳол,
Унинг ғизоси не — тушуниш маҳол.
У курашни севар — ошадир довон,
Йирок манзилларни кўзлар доимо.
Истар — юлдузларин узатсин осмон,
Ер эса бахш этсин туганмас сафо
Ва лекин ҳар нечук бўлса комрон —
Таскин топа олмас у кўнгил асло.

Тангри

Биламан — мен учун умри меҳнатда.
Демакким ҳидоят бўлгай сарвари.
Ниҳол экар бўлса боғбон албатта —
Кўз олдида бўлар гули, самари.

Мефистофель

Гаровга тайёрман! Ишончим комил,
Бу қулингни сендан тортиб оламан.
Мен ўзим уни бир йўлга соламан,
Ваколат бер — менман бу ишга омил.

Тангри

Майли, синаб кўргин, сенда ихтиёр,
У то тирик экан қўлингда сенинг.
Изланиш бор ерда адашиш ҳам бор.

Мефистофель

Раҳмат, тангрим. Ўлик зотларда менинг
Зарра ишим йўкдир. Улар не даркор?
Мени тортар ўзга фақат тирик жон,
Юздаги қизиллик, юракдаги қон.
Керак эмас менга мурдалар асло,
Тирик сичқон керак мушукка ҳатто.

Тангри

Топширурман уни ихтиёрингга,
Ҳар қанча тубанлик бўлса — бошлагин,
Кўрайин, қанчалик эргашур сенга,
Майли, олиб бориб жарга ташлагин.
Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,
Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.
Унга чироқ бўлур мен берган идрок.

Мефистофель

Гаров ўйнамоққа розиман бебок,
Лекин аён бўлур ўтмай кўп фурсат,
Таслим бўлар менга одамзод албат.
Кўрарсан, сен шунча ишонган одам
Тупроққа қоришиб бўлади барбод.
Бамисоли менинг суюкли холам —
Илондек судралиб кечиргай ҳаёт.

Тангри

Ўшанда келақол, тортинма сира,
Сен кабилар менга ёт эмас, ишон.
Барча иблислару гумроҳлар ичра
Менга яқинроқсан, алдоқчи шайтон.
Инсон табиати уйқуга мойил,
Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.
Атрофида айлан, қўзғот эрта-кеч,
Ҳар замон бедор тут, оромберма ҳеч.

(Малоикаларга)
Эй, сиз фаришталар, меҳру донишнинг
Суюк фарзандлари, сўзим эшитинг.
Олам гўзаллиги завқ берсин сизга,
Кимки юрагида шавқ билан яшар —
Кимки аламчекар, ёнар, курашар,
Ёру ҳамроҳ бўлсин юрагингизга.
Осмон ёпилади. Малоикалар тарқалишади.

Мефистофель
(Ёлғиз)

У сўзлар нақадар сокин, мулойим!
Унга ўзни яқин тутаман доим.
Бу чолнинг ажойиб бир хислати бор,
Ҳатто иблисга ҳам бермайди озор.


Биринчи қисм

ТУН

Готик услубда ишланган шифти қуббалик уй. Фауст миктобга қўйилган очиқ китобга кўз тикиб курсида бедор ўлтиради.

Фауст

Илоҳиёт ила банд бўлдим,
Файласуфи хирадманд бўлдим.
Илми ҳуқуқ, илми табобат —
Барчасини ўргандим, фақат,
Фақат менга бир нарса аён:
Нодон эдим, нодонман ҳамон.
Бордир доктори, магистр отим,
Ўн йилдирки, кечар ҳаётим
Шогирдларни алдамоқ ила,
Гоҳ ўнгу гоҳ терс сабоқ ила.
Таҳсил кўрар улар бесавоб,
Шундан чекар виждоним азоб.
Мен-ку авло уламолардан,
Табиблардан, фузалолардан,
Булар ичра жин урмаган кам, —
Мендан-чи, дарс олур жинлар ҳам.
Кимлигимни биламан, аммо —
Ғурур ила санамам асло
Ўзни олам боғибони деб,
Аҳли одам чароғбони деб.
Топганим йўқ бойлик ва шуҳрат,
Тотганим йўқ ҳаётда лаззат.
Ит чидамас, бу қандай ҳаёт!
Мен жодудан изладим нажот.
Токи руҳлар келсин, чорласам,
Аён этсин асрорни олам.
Токи мен ғўр, жаҳолатга банд —
Санамайин ўзни донишманд.
Танҳоликда билайин, олам
Қай куч ила уйғун эрур, жам.
Кўнгил бермай нодон бидъатга,
Токи етай туб ҳақикатга.
Ой, сен менга бедор ошино,
Тунлар кўниб дарчамга танҳо,
Мен хат узра чекканда заҳмат,
Ўзинг бўлдинг тонггача улфат.
Қани энди, эй моҳи анвор,
Кўрсанг мени бунда сўнги бор,
Улфат бўлсам сенга тоғларда.
Чулғаб тонгги мовий туманлар,
Фаришталар бирла ғилмонлар —
Ўйнаб учган кўк ўтлоқларда
Шабнам кечиб чопсам, унутсам
Диққи нафас олимликни ҳам.
Танҳоликнинг дарди юракда,
Лекин ҳануз мен шу катакда.
Бунда ёлриз нақшин дарчадур,
Тушмас ундан ҳатто парча нур.
Чангга ботган китоблар билан
Тўла бу уй шипга қадар то.
Бу кулбада чироқ дудидан
Ҳатто ёруғ кундуз ҳам қаро.
Бунда сонсиз сўнгак қалашган,
Оламинг шу — шу сенга маскан.
Айтгил, яна не учун пайдо
Юрагингда бўйла ҳаяжон?
Не асрорким, бу зиндон аро
Йиллар ўтиб бўлмадинг хазон?
Айтгил, нечун кечдинг тангри ёр —
Табиатнинг тирик жонидан?
Девор ичра ясадинг девор
Аждодларнинг устихонидан?
Қоч бу ердан, ўтказма дамни!
Кет ва ҳамроҳ этиб йўлингга
Сирлар тўла Нострадамнинг
Китобини олгин қўлингга.
Шунда сенга юлдузли само
Аён қилур тириклик розин.
Кўнглинг бўлур доғдан мусаффо,
Тинглагайсан руҳлар овозин.
Аммо улар белгиси мавҳум,
Шарҳ этолмас қуруқ тафаккур.
Эй сиз, руҳлар, сизни чорлагум,
Жавоб беринг, кўргузинг зуҳур...

(Китобни очади ва макрокосм белгисини кўради)
Менга бу сирли хат бахш этиб қудрат,
Қўзғар юрагимда шодон туйғулар.
Бу нечук синоат, бу нечук ҳикмат,
Қайта тангри яратмиш ушбу белгини,
Яратмиш дардларига даво айламиш,
Ғуссалар тунидан қутқармиш мени.
Борлиқ кўз олдимда мисоли суврат,
Гўё менинг ўзим холиқи кудрат,
Гўё илкимдадир жаҳоний миръот,
Гўё кафтимдадир бутун коинот.
Аё бўлмиш менга бу доно ҳикмат:
«Сенинг ёнингдадир руҳлар дунёси,
Эшиги қулф эмас, сен кўрсан фақат.
Сени чўмилтирса саҳар зиёси,
Кўз очсанг, бу дунё мана, марҳамат».

(Суратни диққат билан кўздан кечиради)
Бу тинимсиз коинот ичра
Ажаб, комил тартиб устивор.
Мулки борлиқ аро қай бурчда
Эҳтиётлик хазинаки бор —
Неча минглаб қанотли жондор
Навбат ила олтин чўмичда
Бир-бирига узатадур боз,
Гоҳи шўнғир, гоҳ қилур парвоз.
Не манзара! Мен учун бироқ
Жонсиз сурат — манзара фақат.
Сенинг қутлуғ оғушингдан, воҳ,
Яна четда қолдим, табиат!
Қандоқ мумкин сенга етишмоқ,
Баҳра олмоқ қучоқларингдан,
Сенинг зилол булокларингдан
Тўйиб-тўйиб шимимоқ шарбат.

(Алам билан янги варақ очади ва ер руҳининг белгисини кўради)
Менга марғуб ушбу аломат,
Замин руҳи ошнодир менга.
У туфайли шавқ ила фақат
интиламан доим олдинга.
Бундай чоғда тайёр бўлурман
Ҳамма учун бахш этмоққа жон.
Куним битган бўлса бенолон
Бош кўтариб мағрур ўлурман.
Бурқиб ётар оқ булут,
Ой бўлди ниҳон.
Чироқ ўчди, тутунга
Чулғанади хонам.
Силаб ўтди қизғиш нур
Аста пешонам,
Вужудимни титратиб
Солиб ҳаяжон,
У дунёнинг даҳшатин
Этиб намоён,
Шипдан бир нафас келди!
Эй, руҳи олам.
Шу ердасан, келақол,
Кел, кел, кел! Тезроқ!
Юрак ёнар! Борлиғим
Сен билан ҳамдам.
Фикри чувалди, таним
Чулғади титроқ.
Кел, келақол, майлига,
Кўрсаму ўлсам.

(Китобни олиб сирли дуо айтади. Қизғиш олов ичидан руҳ пайдо бўлади)

Руҳ

Йўқладингми?

Фауст
(Юз буриб)

Бедаво хилқат.

Руҳ

Дуо билан мени чорладинг,
Кўп ёлбординг, кел деб зорладинг.
Мана, келдим.
Хўш...

Фауст

Қандай даҳшат!

Руҳ

Кел, кел, деди ўзи бетоқат,
Ўзи қилди кўрмоқни орзу.
Мен раҳм этиб ерга тушдим-у,
«Даҳшат» дейди соҳибкаромат,
Қани журъат, эй олий одам!
Туйғуларинг оташи қани?
Ҳа, йўл бўлсин бизга етгани!
Ёки мендан тиларсан ёрдам?
Сенми ўша Фауст, мен билан
Мағрур туриб сўйлашолган зот!
Келдим, — нечун бир сўз демайсан,
Айт, ғуруринг бўлдими барбод?
Қўрқув ичра тўлғанурсан лол
Аянчли бир чувалчанг мисол.

Фауст

Йўқ, руҳ! Қўрққаним йўқ! Сўзларинг абас,
Мен Фаустман — сендан зарра кам эмас.

Руҳ

Мен — ҳаётнинг уммонидаман,
Ҳаракатлар бўронидаман.
Оловга ҳам, сувга ҳам ёрман,
Ҳамма ерда ҳамма вақт борман:
Туғилиш, ўлиш
Нисбатида мен.
Доимо ўсиш
Хизматида мен.
Мен — дарёдурман,
Мавжман — силсила.
Мен — дастгоҳдурман —
Соҳир ип ила
Замон отли кашта тўрин ер узра ёйиб
Либос тиккум илоҳият учун ажойиб.

Фауст

Эй сен, тирикликнинг бетинч даҳоси —
Менинг тимсолим!

Руҳ

Йўқ! Ақлинг зиёси
Кашф этган руҳ фақат сенга ошино.
Мен эмас асло!
(Йўқолади.)

Фауст
(Аламли)

Сен эмасми?
Йўқса, кимдир, айт?
Наҳотки мен —
Тангрига монанд —
Оллоҳнинг тимсоли, шу гумроҳга ҳам
Тенг бўлолмасам?

(Эшик тақиллайди.)
Ана холос! Ғоят бемаҳал ташриф!
Мен руҳ висолига бўлганда мушриф,
Кайфимни тарқатур бадқовоқ, ғалча,
Саёз қироатхон бу муллабачча.

Тунги ёпинчиқ ва тақя кийган Вагнер чироқ кўтариб келади, Фауст нохушлик билан унга қайрилади.

Вагнер

Кечиринг, сиз юнон фожиасидан
Шеър ўқитганингиз йўқми мабодо?
Журъат қилиб кирдим, муддао — сиздан
Шеър ўқиш санъатин ўрганиш, усто!
Воиз олмоқ бўлса рбрў чўққисин,
У актёрга шогирд бўлиб ўқисин.

Фауст

Агар воиз бўлса актёр ўзи ҳам,
Бундай зотлар, ахир, эмас бизда кам.

Вагнер

Биз туну кун уйда қилурмиз меҳнат,
Оламни кўрурмиз байрамда фақат.
Ахир қандай мумкин элни бошқармоқ,
Ибодат аҳлидан биз ғоят йироқ.

Фауст

Чинакам иқтидор йўқ бўлган жойда
Пешона теридан қанчалик фойда?
Ақлу заковатда бўлолса устун,
Воизу носиҳнинг имони бутун.
Кимки ўзи танбал ҳам зеҳни ўтмас.
Бўлмагач янгилик излашга тоқат,
Ўзгалар фикрини такрорлар фақат.
Бундайлар гоҳида топурлар обрў
Баъзи ғофиллару гўдаклар аро.
Ва лекин бўлмаса фикр ва туйғу
Юракдан юракка йўл йўкдир асло.

Вагнер

Аммо катта гапдир овоз, усул ҳам,
Сезаман, тажрибам шу борада кам.

Фауст

Ҳалол обрў олиб ўрганинг ҳар вақт,
Маъни денг, берилманг ортиқ оҳангга.
Қуруқ сафсатаю ваъз эса фақат —
Жаранглаб тургучи қалбаки танга,
Кўнгилда шавқ ўти ёнса чинакам,
Чиройли сўзларин ахтармас одам.
Гар маъни пуч бўлса, қофиялик сўз,
Оҳангдор жумлаю чиройли мақол
Кўнгилни ғаш қилур, бамисоли куз —
Хазон япроқларин учирган шамол.

Вагнер

Ва лекин умримиз қисқадир ғоят,
Билим йўли эса узундан-узоқ.
Каминангиз ҳоли ҳалитдан чатоқ,
Қўрқаман, баттарроқ ўлгай оқибат.
Умрининг ярмини берар баъзилар
Етиб олмоқ учун булоқ бошига.
Лекин ярим йўлда кўпи чўзилар
Урилиб жонбозлик харсангтошига.

Фауст

Қоғоз боса билмас кўнгил ташнасин,
Тафаккур мифтоҳи китобда эмас.
Ҳаёт асрорига интилган ҳар кас
Ўз қалбидан топар сирлар чашмасин.

Вагнер

Бироқ бу оламда энг гўзал ва соз
Ўтмиш асрларга айламоқ парвоз.
Нақадар завқлидир ўрганиб билмоқ —
Қанчалар кетибмиз улардан йироқ.

Фауст

Сизнингча, улар ер, биз эса само.
Ўтмиш асрларга қўл урманг асло!
Ечолмаймиз сирли мозий муҳрини,
Мударрислар айтган замон руҳини
Уларнинг ўз руҳи фикри деб англанг.
Бу — ўтмиш ҳақида эртақдир. Уни —
Ҳақиқий ўтмиш деб айтурлар, аттанг.
Баъзилар ўтмишни қилганда хаёл,
Бир ҳужра кўринур — тўла чувринди.
Баъзиларга эса ўтмиш бамисол
Қўғирчоқ ўйини бўлиб кўринади,
Эмишки, аждодлар бўлмишлар бир чоқ
Бозингар қўлида тирик ўйинчоқ.

Вагнер

Дунё-чи? Ҳаёт-чи? Одамзод ўсди
Билмоқ учун олам сирин мукаммал.

Фауст

Билмоқ ўзи нима? Гап шунда, дўстим,
Бу жабҳада ҳали кўп нарса ишкал.
Олам сирдонига калит топганлар,
Қалб уйин очганлар бўлган хору зор.
Барчага аёнким, уларни минг бор
Гулханга ёққанлар, бутга қоққанлар.
Гап кўп, аммо етар. Дам олиш даркор.
Кеч бўлди, бугунча баҳсимиз тамом.

Вагнер

Менга қолса, қани, тонггача бедор
Бу ажиб суҳбатни этардим давом.
Лекин эрта байрам, фурсат топиб шом —
Келарман. Бирмунча саволларим бор.
Мен кўп ўқийман, кўп биламан, аммо
Билгим келар тўлуғ ва беистисно.
(Чиқади.)

Фауст
(Ёлғиз)

Ўтга, чўққа урар тентак ўзини,
Хазина қидирар солмоқ бўлиб чанг.
Дур излаб кўлмакка тикар кўзини,
Ўзида йўқ хурсанд — топса чувалчанг.
Бунда мен руҳ билан қилганда суҳбат,
Мени лол этганда соҳир сиймоси,
У тинчимни бузди. Лек сенга раҳмат,
Дўзахийлар ичра энг паст гадоси!
Ақлдан озардим ёлғиз, эҳтимол,
Агар эшигимни очмаган бўлсанг.
Руҳ қаршимда эди улкан девмисол,
Мен митти одамдай турардим гаранг.
Мен тангри монанд саналган бир зот
Ўзни илоҳий деб билибман чиндан.
Ғурур кўр қилибди кўзимни, ҳайҳот,
Ҳаддимдан ошибман. Айб ўтди мендан.
Осмоний санадим ўзимни бебок,
Авлиёман дедим, дедим аналҳақ.
Ўйладимўзни мен фариштадек пок,
Даҳолар сингари зўр, ҳукми мутлақ.
Шу ғурур туфайли мен тирик ўлдим,
Чақмоқдай бир сўз-ла чилпарчин бўлдим.
Шармисор этмакка ҳаққинг бор мени,
Руҳ! Келишга мажбур этдим-у сени,
Тутиб туролмадим ва лекин бир дам.
Даҳшатли куч эзди елкамдан шитоб,
Дилимни ўртади сўнгсиз изтироб.
Тубанликка отдинг мени бекарам, —
Тубанликким, шу ер — шу хонаи ғам.
Энди нима бўлди орзу, ширин хоб,
Эзгу хаёлларим айлайми ҳамдам?
Рост, ҳаёт заҳмати қийнамас бизни, —
Ўзимиз тўсамиз ўз йўлимизни.
Қорин деб ўтармиз фоний дунёдан,
Юрак ташналиги бизга бегона.
Юксак мақсадларни кўзлаган одам
Бизларда саналур далли девона.
Энг гўзал, мусаффо, сирли туйғулар
Ҳаёт гирдобида янчилар, ўлар.
Гоҳ илҳом забт этса кўнгиллар кунжин,
Учурмиз чулғаниб мовий туманга.
Лекин елкамизга осилган хуржун
Дарҳол олиб тушар бизни тубанга.
Сафсата виждонга пўшида бўлар,
Ўзимиз танбалмиз, бўшангмиз, хароб.
Шафқат, номус деймиз, аслида булар
Ожизлик юзига тортилган ниқоб.
Турфа хил сабабу узр ягона
Кўнгилни алдамоқ учун баҳона.
Бола-чақа деймиз, уй-жой ва хотин...
Гоҳ ўтдан қўрқамиз, гоҳида сувдан.
Йўқ, булар ожизлик солган қўрқувдан,
Зоҳир ҳадик эса, тубанлик ботин.
Менми худованд? Йўқ, кимлигим аён,
Мен коинот аро кўр бир чувалчанг —
Маҳкумман судралмоқ ва ютмоққа чанг,
Оёқлар остида бўлмоққа қурбон.
Ҳа, умрим кечмоқда босиб чанг, мағор,
Чор атрофим китоб, ўзим тутқунда.
Эски-туски тўла сандиқлар бунда,
Барчаси ғубордир, барчаси ғубор.
Топурманми бунда нима изласам?
Ҳай, минглаб китобдан топдим бир маъно:
Доимо азобда яшаган одам,
Бахт эса ҳамиша бўлган истисно.
Эй сен, бош сўнгаги, тиржайиб ҳамон
Мени масхаралаб турибсанми, айт?
Ё сенинг эганг ҳам мендек бир замон
Шодлик, бахт қидириб топганми кулфат?
Эй сиз, бағри чизиқ, турфа шишалар —
Кимё ашёлари, кулмоқдасиз жим.
Мен сизни калит деб билдим муқаррар,
Лек табиат қулфин оча билмадим.
Табиат ўз сирин ганжина тахлит
Тилсим қопқаси-ла айламиш ниҳон.
Очиб бера олмас ҳеч қандай калит,
Бузиб кира олмас ҳеч бир палахмон.
Эй, мен қўл урмаган синиқ сополлар,
Кимё соҳиби қолдирган бисот,
Эй, сиз, қай замонлар, қайси бир хаттот
Кўчирган қоғозлар — не ҳасби ҳоллар,
Шунча йил сизларга қилгунча тоқат,
Бўлмасмиди бир йўл айласам барбод?
Мерос сақламоққа лойикдир фақат
Ўзи ҳам бир мерос қолдиргувчи зот!
Матоҳ йиғар фақат бечора хасис,
Ҳар янги лаҳзанинг меваси лазиз.
Ажабо, не учун бу сирли шиша
Оҳанрабо янглиғ тортар кўзимни?
Мен нигоҳ ташласам унга ҳамиша
Ойдин ўрмон аро сездим ўзимни.
Сени олқишлайман, эй қутлуғ шарбат.
Кўнглим топинади сен томон фақат,
Инсон яратолган энг буюк неъмат!
Сенда мангуликнинг ширин уйқуси,
Сендадир ўлимнинг энг зўр оғуси.
Кел, ижодкорингга бер букун нажот!
Сенга боқар бўлсам — дардим тағофил,
Сени қўлга олсам — таскин топар дил.
Тинадур у исёнкор юрак қутқуси,
Мени оғушига чорлар йироқлар,
Чорлар янги кунлар, янги қирғоқлар,
Чексиз умонларнинг нурли кўзгуси.
Ана, учиб келди ўтли арғумоқ,
Унинг қанотида учмоқ истайман.
Белгисиз бу олам, сирли бу равоқ
Бағрига отилмоқ, қучмоқ истайман.
Э воҳ, наҳотки мен — хасдек тубан зот
Тангри даргоҳига восил бўлолсам!
Ҳа, ер қуёшидан юз бур, эй одам,
Бир йўл ҳаётингни эта қўй барбод!
Одамзод ақлига даҳшат солгувчи
Ўшал дарбозани қилгину яксон,
Тангрилар олдида инсоннинг кучи
Зарра кам эмасдир, этгил намоён.
Майли, гирдибоду даҳшат остона
Ривояти ила солароқ қўрқув
Хаёлот яратган турфа афсона
Тамуғ алангасин ёқса ҳам мангу,
Ўшал остонадан дадил қўй қадам,
Майли, ҳатто сени қучса ҳамадам.
Кел, эй, аждодлардан тарк айлаю чиқ.
Сени унутгандим. Бир замон роса
Боболар базмида жилвагар, ёниқ —
Олмос қирраларинг кўргузиб, қадаҳ,
Неча мажлисларни қилдинг муфаррах.
Сени қўлга олиб айтдилар алёр,
Ҳамду сано ўқиб базм аҳли сенга,
Оппоқ симирдилар такрор ва такрор.
Ўшал шод кунларни эслатдинг менга.
Ва лекин мен алёр айтолмам энди,
Чунки лаб очмоққа бўлмагай фурсат.
Неча йил қуюлди, қорайди, тинди
Мен ўзим яратган бу сирли шарбат.
Уни сипқорурман мен ўзим букун
Келажак қуёшли янги тонг учун.

(Қадаҳни кўтаради).
Шу пайт янграган хор овозини эшитиб сергакланади...

ЎРМОНДАГИ ҒОР

Фауст
(Ёлғиз)

Эй сен, илоҳий руҳ, неки тиласам,
Барча тилагимни айладинг бажо.
Сен олов ичида кўриндинг менга,
Табиат кўркини қилдинг армуғон.
Менга бердинг сўнгсиз шавқ туйғусини.
Энди мен эмасман олам кўркига
Ҳайрат нигоҳини тиккан бир меҳмон.
Унинг замрини очиб қарайман
Дўстнинг юрагига боққандек гўё.
Неки жонли бўлса бу олам аро,
Сен бир-бир ўтказдинг кўзим олдидан
Ҳам ўргатдинг менга улар барини —
Барча жонивору қуш, ўт-ўланни
Оға — биродар деб билиш фунуни.
Ўрмонни қучганда даҳшатли бўрон
Ерга қулар экан асрий қарағай,
Ўзга дарахтларни қилганда поймол,
Акс садо берганда унга уфқлар —
Ўрмондаги ғорга етаклаб мени,
Бунда танҳоликда ўлтириб сокин,
Ўқитдинг ўзимга қалбим китобин,
Мени ошно қилдинг ажиб сирларга.
Мен ойга қарайман ва шабнам инган
Япроққа, қояга солурман нигоҳ,
Аста сузаётган булут сояси
Ўтмиш шарпаларин эслатур менга.
Қарайман ва менга юксак камолот
Насиб бўлмаганин сезаман шунда.
Мени тангриларга тенг қилгувчи куч —
Юксак хаёлларга айлаб ҳамнафас,
Яна ҳаётим йўқ, гарчи у сенинг
Менга бағишлаган барча неъматинг —
Қилган бўлса ҳамки тупроқ билан тенг.
У менга кўрсатди гўзаллик сеҳрин,
Ёкди юрагимга сирли аланга.
Совутмоқ бўламан ўзимни, аммо
Яна ўртар мени сўнгсиз эҳтирос.

(Мефистофель келади.)

Мефистофель

Эҳ, дарвеш! Жонингга тегмади, наҳот,
Кимсасиз ўрмонда ўй сўрмоқ танҳо!
Бу қандай кўргилик, бу нима ҳаёт,
Ўйлаб топмадингми ўзга бир савдо?

Фауст

Топсанг бўлар эди сен ҳам бирор иш
Айғоқчилик қилиб юришдан бўлак.

Мефистофель

Ҳазиллашдим. Ҳадеб арра тортишиш,
Ўзинг ҳам ўйлаб кўр, нимага керак?
Бадфеъл, одамови экансан жуда,
Сенга дучор килди не учун тақдир?
Эрта-кеч сен учун қайғурсам, ахир,
Нимаки истасанг, олам бурчида
Бўлса ҳамки, сенга қилсам муҳайё —
Яна айбдорман, бошимда бало.

Фауст

Таажжуб, айтмоғим керакми раҳмат
Эртаю кеч хира бўлганинг учун?

Мефистофель

Эй инсон, сўрашга қилурман журъат,
Мен бўлмасам қандай яшардинг букун?
Ким сени танҳолик уқубатидан,
Диққинафасликдан қутқарди мудом?
Мен бўлмасам жисминг, эй доно одам,
Замин саҳифасидан ўпарди тамом.
Бу тоғ ўрмонига келдинг не сабаб?
Ғамларинг ёзмокчи бўлдингми танҳо —
Ёлғиз хониш қилган бақага ўхшаб,
Вайронага қўнган бойқушдек гўё?
Бир карра ишондим, кўксингда ҳамон
Ўша яккаш олим яшар бегумон.

Фауст

Қани билсанг эди, мен бу маснаддан
Топурман қанчалар қувонч ва ёғду.
Билганингда эди, сўзсиз, ҳасаддан
Ўшал қувончимга солардинг оғу.

Мефистофель

Мана бу ҳақиқий самовий лаззат!
Тун бўйи ўй сурмоқ тоғли ўрмонда!
Илоҳий ҳисларни асрамоқ жонда
Ва танҳо изламоқ роҳи ҳидоят.
Олам яратилган қутлуғ олти кун —
Ҳикматин жам этмоқ кўнгилда бутун.
Бу ёруғ дунёда бўлса не дониш,
Неки асрор бўлса, барини олиш —
Сўнг тафаккур элтган ўша юксақдан
Алланарса қадар йиқилмоқ тубан.

(Хунук қилиқ қилади.)
У ҳакда нимадир айтардим, фақат
Тилга олмоқ учун йўл қўймас уят.

Фауст

Нақадар разолат!

Мефистофель

Нечун кўзларингда бунчалар ғазаб?
Номусдан қизардинг, вужудинг — қаҳр.
Орзимдан чиқмаёқ ҳақиқат сўзи.
Тириклик ичра бу бор гап-ку, ахир,
Ахир, усиз йўқ-ку номуснинг ўзи.
Майли, алдамоқни қўймагин сира,
Мунофиқ юзингга тута бер ниқоб.
Аммо билиб қўйгин, тор кулба ичра
Гретхен сен учун чекмоқда азоб.
У ёлғиз, у сени ўйлайди фақат.
Висол иштиёқи эзмоқда уни.
Емак-ичмагида йўкдир ҳаловат,
Тамомунутган у ором, уйқуни.
Унинг муҳаббати тошқин беқирғоқ,
Унинг муҳаббати билмас интиҳо.
Сен эса шўрликни унутдинг, қочқоқ,
Изтироб ичида қолдирдинг танҳо.
Тинч ўрмон қўйнида юлдузлар билан
Суҳбат қуриб бунда ётгандан кўра,
Хабар ол ўртанган қизнинг ҳолидан,
Сен деб хароб бўлган кўнглини сўра.
У шўрлик дарчадан термулиб букун
Карвон булутлардан сўрмоқда нажот.
Қўшиқ айтмоқда у оҳиста, маҳзун:
«Э, воҳ, қани энди қуш бўлсам озод».
Гоҳ кулади шўрлик, гоҳ чимирар қош,
Гоҳ маъсум хаёлин чулғайди туман.
Ва лекин ҳамиша кўзларида ёш,
Ва лекин ҳамиша кўнглида армон.

Фауст

Илонсан! Илонсан!

Мефистофель
(Ўзича)

Ўт солдимжонга,
Отган ўқим бориб тегди нишонга.

Фауст

Бас қил васвасангни, эй руҳиллаъна,
У ҳақда бир оғиз сўз қота кўрма.
Базўр оромтопган бўронни яна
Дардкаш юрагимда уйғота кўрма.

Мефистофель

Аммо қиз кўнглида қўрқув, ҳаяжон.
Мени унутди деб қилмоқда гумон.

Фауст

Йўқ, қайда бўлмай, у менга ҳамнафас,
Кўзим олдида у, у деб тепар қалб.
Мен, ҳатто, санамга қилурман ҳавас —
Ул санамга ёрим босганида лаб.

Мефистофель

Гуллар оғушида ётган жуфт танга,
Қарамоқ нақадар завқ берур манга.

Фауст

Йўқол, эй қўшмачи!

Мефистофель

Майли, сўка бер,
Мен эса эшитиб куламан, холос.
Тангри яратдию аёл билан эр —
Бир-бирига мойил берди эҳтирос.
Етар, қувла мунгли хаёлларни бас,
Ўзни йўқотма сен гўдак мисоли.
Ахир, сенн жаллод ёки дор эмас,
Кутаётир гўзал ёрнинг висоли.

Фауст

Оҳ, дилбар оғуши мен учун жаннат,
Барча лаззатларнинг етук камоли.
Аммо ёр бағрида топганда роҳат
Кўз олдимдан кетмас қизнинг заволи.
Мен ким? Бир беватан, ғамли сояман,
Девона кўнглимда ором йўқ зарра.
Мен гўё кўз етмас юксак қоядан
Ўзни тубсиз жарга отган шаршара.
Ёнимда эса ул — сокин кулбада
Осуда тириклик кўргувчи бир жон.
Ўша ниҳол қомат, ўша гул бадан —
Торгина кулбаси унга кенг жаҳон.
Мен-чи, ёвуз тошқин, менга гўё кам
Юксак қояларни отганим пастга,
Улкан харсанглару зарангларни ҳам
Беаёв қорганим қумга ва хасга.
Мен яна ул маъсум жон бир гўдакнинг
Сокин ҳаётига солурман чангал.
Айтганинг бўлсин сен ёвуз малакнинг,
Бошла мени қизнинг ёнига жадал.
Диёнат ҳислари чекинсин бир дам,
Адолат, шафқатга кўр бўлсин кўзим,
Мен уни қучганча баланд чўққидан
Тубсиз жар қўйнига отгайман ўзим.

Мефистофель

Яна ғазаб, яна мислсиз туғён!
Бор унинг ёнига, овутгин тезроқ.
Берк кўчага кириб қолса гар аҳмоқ —
Олам тугади деб қилади гумон.
Ахир сен ҳамиша мард эдинг, ботир,
Олға юр, чекинма, хаёл сур камроқ.
Дадил бўл, нимадан қўрқасан, ахир —
Шайтоннинг ўзи-ку ёнингда ҳамроҳ.


ҲИБСХОНА

Фауст қўлида бир бойлам калит билан эшик олдида турибди.

Фауст

Вужудим аламдан ёнаётир, воҳ,
Сўнгсиз уқубатдан юрагим пора.
Мана шу хонада маъсум, бегуноҳ —
Банди бўлиб ётар битта бечора,
Нега жим турибсан, титрайсан нечун?
Кўзига боқишдан қўрқасанми ё?
Тез бўл! Иккиланма! Ўтса агар тун,
Унинг ҳаётига етгай интиҳо.
(Қулфга қўл узатади.)

Ичкаридан овоз
Мени ғар онам
Бўш қўйган эди,
Одамхўр отам
Гўштимни еди.
Танимни опам
Тупроққа берди.
Келганда кўклам
Топарман ҳаёт.
Учарман мен ҳам
Чиқариб қанот.

Фауст
(Эшикни очиб)

Бечора сезмади бунда юрганим,
Кишан садосини тинглаб турганим.
(Ичкари киради.)

Маргарита
(Похол орасига яшириниб)

Мени ўлдиргани келишди, ана!

Фауст
(Секин)

Жим бўл, сени олиб кетгани келдим.

Маргарита
(Оёғига йиқилиб)

Эй қотил, озгина сабр қил яна!

Фауст

Йиғлама, соқчини уйғотасан, жим.
(Кишанларни синдирмоққа уринади)

Маргарита
(Тиз чўкиб)

Қатл этмоққа мен бечорани
Ҳуқуқ берди ким сенга, бедод!
Қўй, тонггача ўлдирма мени,
Кўриб қолай тонг юзин, жаллод!
Ҳали вақт бор, ярим тун ҳозир,
Ҳукмтонгда этилгай ижро.
(Ўрнидан туради.)
Жуда ёшман, ёшман-ку, ахир,
Бўлмоқдаман бемаҳал адо.
Гўзал эдим ғоят бир замон,
Ҳусниммени ўлдирди аён.
Ёр ёнимда эди у чокда,
Ҳозир эса йироқ-йирокда.
Мен гул каби сўлиб фирокда
Бўлурман хазон.
Қаттиқ қисма мени, шафқат қил,
Қилганмидим ёмонлик, қотил,
Нажот бер менга.

Фауст

Қандай чидай мен бу аламга?

Маргарита

Майли, жаллод, майлига, ўлдир,
Қатлим яқин, тақдирим шулдир.
Сут берайин фақат боламга.
Ёлғизимни қучоқлаб бу тун
Йиғлаб чикдиму билан бутун.
Уни мендан тортиб олдилар,
Мени шундай дардга солдилар.
Энди эса қилишар туҳмат,
Мен ўзимни қотил ўйлашар,
Мен ҳақимда қўшиқ куйлашар,
Бу қандай офат!

Фауст
(Унинг қошида тиз чўкиб)

Мен бундаман, менга қулоқ ос,
Келдим сени қилгали халос.

Маргарита
(Унинг ёнида тиз чўкиб)

Кел чўкайлик тиз
Икков ёнма-ён
Қўл чўзайлик тез
Тангримиз томон.
Ёришмоқда ёғду
Дўзах оташи:
Ана, туради
У ерда иблис,
Қаҳ-қаҳ уради,
Дилда қўрқинч ҳис.

Фауст
(Қаттиқ)

Гретхен! Гретхен!

Маргарита

Ёрнинг овози!
У мени чақирди — мен энди озод!
(Сакраб туради. Кишанлар тўкилади)
Яқин эрк қушининг бахтли парвози,
Тугар истибдод!
Югурмоғим керак мен унга пешвоз,
Оҳ, қучмоғим керак бўйнидан маҳкам.
У «Гретхен» деди, таниш бу овоз
Барча дардларимга бўлгувчи малҳам.
У эшик олдида. Сезмоқда кўнгил
Бу ваҳший зулмату ғам-кадар аро,
Даҳшатли дўзахий хандалар аро
Унинг тингладим мен — чорлаётир ул.

Фауст

Шу ердаман!

Маргарита

Ана шу ерда ёрим!
Яна бир этгил сўзингни такрор.
Унут бўлди барча чеккан озорим,
Қолмади бир зарра кўнгилда ғубор.
Энди мен ўлмасман! Сен қилдинг халос!
Эртаю кеч сени ўйладим, холос.
Кўз олдимда кўча, ул оқшом чоғи —
Шунда илк бор гапга тутгандинг мени.
Кўз олдимда яна Мартанинг боғи —
Шунда биринчи бор кутгандим сени.

Фауст
(Шошиб)

Кетайлик, юз тезроқ!
Маргарита
Шошма, жонгинам,
Соғиндим, юзингга тўяйин бир дам.
(Қучоқлайди)

Фауст

Тез бўл, тез!
Атрофда йўқ ҳозир инсон зоти ҳеч.
Чиқиб жўнамасак агарда бу кез,
Кейин бўлар кеч.

Маргарита

Кўп бўлганинг йўқ-ку мендан йирокда,
Кўнглинг совудими ёки фирокда?
Ўпишни эсингдан чиқардинг, наҳот?
Айт, нега бунчалар муздексан, ҳайҳот,
Не учун сен билан таним титрокда?
Куни кеча ахир қандоқ қучардинг,
Қучиб осмонларга олиб учардинг!
Кўзларингда эди жаннат яширин,
Бўсанг тотли эди, сўзларинг ширин.
Нега энди бунча совуқ нигоҳинг,
Ўп мени, ёлборар сенга нигоринг.
Ўп, нега қулоғинг эшитмас сўзим?
Кел, ўпай ўзим.
(Қучади.)
Бу не ҳол? Шулмиди умидим сендан?
Аввалги ҳарорат, ёнишлар қани?
Сен меники эдинг, йўқотдим сани?
Оҳ, ким ўғирлади, ким сени мендан?
(Ундан юз ўгиради.)

Фауст

Жонгинам, юр энди, кетайлик тезроқ,
Юрагимда ёнган муҳаббат ҳаққи,
Мени олиб келган садоқат ҳаққи,
Кетайлик, кетмасак бўлмас ҳозироқ.

Маргарита
(Унга ўгирилиб)

Наҳотки, бу сенсан? Ишонмас кўзим.

Фауст

Менман.

Маргарита

Қутқаргани келдингми ўзинг?
Келдингми қилгани кишандан озод?
Олурмисан яна бағрингга, жоним!
Мендан қўрқмайсанми? Мен аслида ким —
Билмасанг наҳот?

Фауст

Тонг отмоқда, тез бўл, ўтказма дамни.

Маргарита

Мен ўлдириб қўйдим онамни,
Сувга отдим туққан боламни.
У фарзандинг эди сенинг ҳам,
У келтирди толе эмас, ғам.
Сен келдингми? Туш эмасми бу?
Таниёлмай турибман сани.
Кўзим олди доим қоронғу,
Бер-чи менга қўлингни, қани.
Не кўргилик? Қўлларингда қон.
Артиб ол дарҳол.
Кўз тушмасин унга ҳеч қачон!
Қиличингни ғилофингга сол,
Тез яширақол.

Фауст

Ўтган ишга энди салавот,
Тез қочмасак топмасмиз нажот.

Маргарита

Сен ҳаммамиз учун ҳам
Яшашинг керак.
Қабрларга, жонгинам,
Эк гулу чечак.
Учта чуқур кавлагин
Мозорда бу кун:
Онам ва акам учун,
Ҳамда мен учун.
Қабримни наридан ўй
Улардан озроқ.
Қизимни бағримга қўй,
Бўлмасин йироқ.
Уни қучиб жимгина
Уйқуга кетай,
Энди сени бу сийна
Қучолмас, нетай.
Гарчи ҳамон ўшасан
Севгим, бироқ сен —
Бегонага ўхшайсан,
Мендан йироқсан.

Фауст

Мен билан юр, агар севгинг бўлса чин.

Маргарита

Озодликками?

Фауст

Ҳа, чиқ бу зиндондин.

Маргарита

Мени кутар бўлса у ерда ўлим,
Олиб борса мени мозорга йўлим —
Майли, чиқай унга мен пешвоз, аммо
Ўтмам ундан нари бир қадам ҳатто.
Кетяпсанми, Генрих, жонгинам?
О, қани энди
Биргалашиб сен билан мен ҳам
Кетолсам эди.

Фауст

Эшик очиқ! Фақат сен истасанг бас!

Маргарита

Менга ҳеч озодлик имкони бўлмас,
Гарчи чиқолсам-да, бу ердан қочиб,
Қайда юролардим юзимни очиб?
Элдан юзимшувут, виждоним нопок,
Яшамоқ не керак доим аламнок?
Не керак одамлар кўзидан пинҳон,
Ўзгалар юртида бўлмоқ саргардон?
Унда айғоқчилар кутишар мени,
Бир куни барибир тутишар мени.

Фауст

Унда қолажакман ёнингда мен ҳам.

Маргарита

Йўқ, йўқ, жонгинам,
Бу ердан тез бор,
Қизингни қутқор!
Бора қол, тез бўл,
Чакалак ёққа.
Сени элтар йўл
Тўғри булоққа.
Кўприқдан ўтиб,
Бурил ўнг қўлга.
Тезгина етиб —
Оласан кўлга.
Боланг тирик, топ,
Йиғлар чақалоқ.
Қутқар уни, чоп,
Чопақол тезроқ.

Фауст

Эсингни йиғ! Фурсат ғанимат!
Озодликнинг йўли олисмас,
Қўйсанг етар бир қадам фақат.

Маргарита

Тепалиқцан ўтиб олсак бас,
Тош устида ўлтирар онам.
Титрамоқда муз бўлиб танам.
Йўл бўйида ёлғиз бу нафас
Тош устида ўлтирар онам.
У бошини тебратар аста,
Бемажол, хаста.
Кўз очмоққа йўкдир мадори —
Уни қаттиқ ухлатмиш дори,
Бизнинг ширин айшимиз учун.
Қандай шавқли эди ўша тун,
Қандай лаззат топганди жонлар!
Оҳ, қанисиз ўша хуш онлар.

Фауст

Яхши гапга кўнмас бўлсанг, нетарман,
Сени зўрлик билан олиб кетарман.

Маргарита

Йўқ, йўқ куч ишлатма, кўнмасман асло,
Қўлларимни қаттиқ тутма бунча ҳам.
Шундоқ ҳам гапингга кўндим доимо.

Фауст

Тонг отар, оппоқ тонг, қара, жонгинам,

Маргарита

Тонг отар, янги кун. Сўнгги кун менга.
Керак эди бу кун тўйим бўлмоғи.
Мен билан бўлганинг айтма ҳеч кимга,
Сира лозим эмас элнинг билмоғи.
Бошимга бу кулфат тушди ногаҳон,
Бевақт гулларимни қилдилар хазон.
Насиб бўлмас энди бирга рақс этмоқ,
Кўришмоғимиз бор олдинда бироқ.
Халойиқ юради қатлгоҳ томон,
Каттакон майдонга сиғмас оломон.
Мен учун чалинар сўнгги қўнғироқ.
Жаллод бошим узра синдирар таёқ.
Чўкаман, тегади бошим кундага,
Даҳшат ичра боқар йиғилган одам
Мендек маҳкум бўлган осий бандага.
Кўзларида қўрқув, гўё хаёлда
Уларнинг бошига тушмоқда болта.

Фауст

Ўлсам бўлмасмиди бу кунни кўрмай.

Мефистофель
(Эшикда пайдо бўлиб.)

Тез кетдик, ўласиз йўқса икковлон,
Бекорга оҳу воҳ қилиб ўлтирмай,
Чиқиш керак. Ана, кунчиқар томон
Қизармоқда. Тингланг отлар кишноғин,
Улар сезаётир тонготар чоғин.

Маргарита

Ногоҳ ер остидан пайдо бўлган ким?
Бу ўша, танидим, нақадар даҳшат.
Ҳа, у келган албат олгани жоним,
Бу муқаддас жойда турмасин, жўнат.

Мефистофель
(Фаустга)

Юр, кетдик! Бўлмаса ташлаб кетаман!

Маргарита

Қутқар тангрим, сенга нола этаман.
Малаклар, теграмда қилингиз парвоз,
Менга қалқон бўлинг ва айланг халос.
Сендан қўрқаяпман, Генрих.

Мефистофель

У мангу.
Қийноқларга маҳкум.
Осмондан нидо
Халос бўлди у.

Мефистофель

Тез бўл, кетдик!
 (Фауст билан йўқолади.)

Маргарита
(Коронғилик ичидан)

Генрих! Генрих!


Иккинчи қисм

БИРИНЧИ ФАСЛ

САРОЙ БОҒИ

Қуёш чиқаётган пайт. Император сарой аъёнлари орасида. Унинг қаршисида Фауст ва Мефистофель тиз чўккан. Улар бедабдаба, сипо кийинишган.

Фауст

Ҳазил ёнғин учун, подшоҳимузр.

Император
(Уларни туришига ишора қилиб)

Тезроқ бўлиб турсин бу ҳазил-ҳузул.
Мен олов ичида бўлдиму пайдо,
Ўзимни Плутон ҳис қилдимгўё.
Қоялар ичидан чиқиб аланга,
Туташди хиёбон, боғу чаманга.
Чуқур чоҳ тубидан чиқцию олов
Равотнинг томига чирмашди дарров.
Улкан қуббаларда жам бўлиб ногоҳ,
Гоҳ кўздан йўқолиб, пайдо бўлиб гоҳ,
Ажиб манзаралар кўрсатди ёнғин.
Ўз кўзларим билан кўрдим мен тағин:
Оловлар ичидан ўтиб мен томон
Келарди бўлгали тобе оломон.
Ёнаётган мармар устунлар аро
Бундай ниқоб базми бўлмаган асло.
Мен кеча бир ажиб дунёни кездим,
Ўзни самандарлар подшоси сездим.

Мефистофель

Сен уларнинг шоҳи бўлдинг, чин сўзинг,
Ҳа, барча унсурлар подшоси ўзинг.
Олов ҳайиқади сендан, билинди,
Денгизлар бағрига кўкрак ур энди.
Ўзингни энг ваҳший тўлқинларга от,
Сув девори аро кўрарсан равот.
Оёринг остида марварид, инжу,
Бошинг узра тўлқин. Пастдан боқсанг у —
Кўринур бамисли лаълиранг пештоқ.
Сен соҳиб бу рангни сарой ичра ток
Қаерда турма ё юрмагин қаён —
Доимо энг марказ бўлур сенга жой.
Бу шундай салтанат, бу шундай макон:
Сенинг билан бирга юради сарой!
Тирик, ҳаракатда жонли бу девор.
Атрофингда эса турфа хил жондор
Уймалашиб юрар, ўйнашар, аммо
Сенга яқинлашиб келолмас асло.
Ана, наҳанг сенга оғзин очади,
Аммо деворларга тегиб қочади.
Денгиз аждарлари туришар келиб,
Сен эса уларга қарайсан кулиб.
Сен рақслар базмини кўрурсан ҳар кеч,
Аммо бундай базм кўрмагансан ҳеч.
Ёнингга келади нереидалар,
Меҳмон бўлар сирли қасрингда улар.
Сув ости саройи ҳақида хабар
Етар Фетиданинг қулоғига ҳам.
Сени Пелей каби қилади ҳамдам,
У билан қилурсан Олимпга сафар.

Император

Самовий қасрлар ўзингга, ошнам,
Гўдаклар интилар унга доимо.

Мефистофель

Замин сеникидир, шубҳа йўқ асло!

Император

Не бахтки, сен бўлдинг саройда пайдо,
Сени юбордими ё «Алиф лайло»!
Истагим, ҳамиша шу маъвода бўл,
Топқирликда мисли Шаҳризода бўл.
Кўргизурман сенга катта марҳамат,
Доим ҳозир тургин хизматга фақат.
Кун бўйи можаро, ташвиш мен билан,
Кечқурун овунай андак сен билан.

Сарой хизматчиси
(Шошиб киради)

Ўйлаган эмасман мен бирор сафар —
Олиб келурман деб бундоқ хушхабар
Подшоҳим, бу бир туш, хаёл, бу айём —
Барча қарзларимиз тўланди тамом.
Қутулдик! Қандай бахт! Нақадар шодман!
Судхўрлар жабридан энди озодман.
Дўзах азобидан халосман бу дам,
Бундай шодлик бўлмас жаннатларда ҳам.

Саркарда
(Шундай шошиб)

Ландскнехтлар ҳақин тўладик бизлар,
Аскар энди бизга содиқ умрбод.
Майхона соҳиби ўзида йўқ шод,
Яйрашар солдатлар, яйрашар қизлар.

Император

Эркин нафас олар барча, ажабо!
Юздан ажинлар ҳам кетмиш мутлақо.
Барча — дадилқадам, хушнуд боқиши.

Хазинадор
(Тўсатдан пайдо бўлиб)

Мўъжиза сабаби — бу икки киши.

Фауст

Ҳисобот — соҳиби девоннинг иши.

Давлат котиби
(Аста яқин келиб)

Қариган чоғимда бахт кулди менга.
Илк бош шод ҳисобот берурман сенга.
Мана шу бир варақ қоғоз — умрбод,
Барча мушкулларни айлади кушод.
 (Ўқийди)
«Барчага маълуму ошкоро бўлсин,
Шу қоғоз баҳоси минг тилло бўлсин.
Салтанат ерида ётган барча кон
Бу қоғозга асос бўлур, бегумон.
Дафиналар зуҳур бўлгани фурсат,
Қоғознинг қиммати тўланур албат».

Император

Бу не алдоқчилик? Бу не масхара?
Мен учун қоғозга ким чекди имзо?
Айтинг, ул муттаҳам топдими жазо?

Хазинадор

Шоҳим, бу ўз қўлинг, яхшироқ қара,
Сен ниқоб базмида кеча бўлдинг Пан.
Биз икковлон — давлат котиби билан
Ёнингга келдигу дедик: «Подишо —
Эл ҳожати учун чек бунда имзо». —
Сен қўл қўйдинг. Ўша қоғоздан кеча —
Тун бўйи ухламай ўлтириб неча —
Хаттотлар кўчирди нусха беҳисоб.
Бизлар ҳам фурсатни ўтказмай шитоб.
Қилмоққа киришдик қоғоз пуллар чоп.
Турли баҳодадур патта — сармоя,
Ўнталик, ўттизу элликталик бор.
Халойиқ қувончи билмас ниҳоя,
Уларга қўшилиб биз ҳам бахтиёр.
Аввал ҳам номингни эшитган замон
Яйраб кетар эди севинчдан жаҳон.
Энди халқ номингдан ўзга сўз демас,
Фақат исминг ўқир, алифбо эмас.

Император

Наҳотки, халойиқ, аскар — барчасинн
Хурсанд қилса шу бир қоғоз парчаси.
Ҳайронман, лекин йўқ менда эътироз.

Сарой хизматчиси

Бир зумда тарқалди бу сонсиз қоғоз,
Уларни тўхтатиб бўлмас ҳеч энди,
Биринчи тўлқини растага келди.
Саррофларнинг тегмас қўли қўлига,
Олтин берар элнинг қоғоз пулига.
Қоғозни тўлдириб эл ҳамёнига,
Борар майхонага, гўшт дўконига.
Ҳамма ичиб олган, шодумон гўё
Базмдан ўзгани ўйламас дунё.
Барчада чиройли кийимга ҳавас.
Чеварлар ҳам бичиб, тикиб улгурмас.
Майхоналар тўлуғ, ҳар ёнда садо:
«Подшо учун ичинг, яшасин подшо!»

Мефистофель

Томошабоғ аро сайр этганда сиз,
Хилватда бир гўзал қизни кўрурсиз.
Қўлда товусқанот елпиғич, жонон
Қиё боқиб қўяр аста сиз томон.
Унга сиздан меҳр, ширин сўз эмас,
Фақат қоғоз керак, қоғоз бўлса бас.
Пулни тутинг доим кўкрак чўнтақда,
Ёр хатин тутгандек доим юракда.
Бу пулдан саллотнинг мушкули осон,
Энди осиб юрмас у зилдай ҳамён.
Қашишга ҳам енгил, беркитганда пул
Инжилнинг ичига солиб қўяр ул.
Кечир, майда-чуйда гап билан бу дам
Улуғ иш қадрини туширган бўлсам.

Фауст

Сонсиз хазина бор ернинг бағрида,
Фойдасиз ётибди замин қаърида.
Хаёлот бўлмасин қанча улуғвор,
Бу бойликни тасвир айламоқ душвор.
Бўлмасин қанчалар дадил ва чуқур,
Унинг поёнига етмас тасаввур.
Фақат зўр донишманд буни қилур ҳис,
Чунки чексизликка ишончи чексиз.

Мефистофель

Бу қоғозлар нақ роҳати жон,
Керак эмас тангаю ҳамён.
Йўқ бўлади ташвишлар талай,
Харид енгил, сотиш ҳам қулай.
Керак бўлса кумуш ё олтин —
Саррофлар бор — бордингу олдинг.
Топилмаса уларга агар
Ер остида тахланиб ётар.
Қазиб-қазиб оламиз дарров,
Бозорларга соламиз дарров.
Ишонмаган, кулган ҳар банда
Шунда бўлур буткул шарманда.
Олтин кумуш билан ёнма-ён
Қоғоз бўлур элда ҳукмрон.

Император

Бойлик бердингиз сиз юртга беҳисоб,
Мен имкон борича қайтаргум жавоб.
Сизлар соҳиб бўлинг конларимизга,
Уларни асрамоқ хизмати — сизга!
Хазиналар қайда — кўрсатмоқ сиздан,
Қазиб, ер остидан чиқармоқ — биздан.
Икки хазинадор ишлангиз ҳалол,
Давлат хазинасин тўлдиринг дарҳол.
Қўшилиб ер усти, ер ости дунё,
Битта олам бўлсин ажойиб, танҳо.

Хазинадор

Менинг учун жуда соз бўлур, агар
Мададкорим бўлса шундоқ сеҳргар.
(Фауст билан чиқади.)

Император

Мукофотлай сарой аҳли ҳар қайсин,
Ҳар ким пулни қайга ишлатур, айтсин.

Маҳрам
(Совғани қабул қилиб)

Мен энди беташвиш ўйнаб қолурман.

Бошқа маҳрам
(Шундай)

Жононимга тилла сирға олурман.

Камергер
(Шундай)

Мириқиб май ичиш менинг тилагим.

Бошқа камергер
(Шундай)

Қиморга тортмоқда менинг юрагим.

Вассал
(Ўйлаб)

Қаср солдираман улкан, чиройлик.

Бошқа вассал
(Шундай)

Мен эсам қўшаман бойликка бойлик.

Император

Ўйлаган эдимки, сизларда бу дам
Янги орзу-истак бўлур намоён.
Бошингиздан олтин сочганимда ҳам
Ўшал аслингизга қолурсиз, аён.

Масхарабоз
(Пайдо бўлиб)

Савғо берилмоқда! Бизга нима бор?

Император

Тирилдингми? Ичиб қўясан бекор.

Масхарабоз

Сеҳрли қорозга ақлим етмайди.

Император

У сенга барибир — фойда этмайди.

Масхарабоз

Яна ёғилмоқда! Барчаси менга?

Император

Олабер! Буларни мен бердим сенга!
(Чиқади.)

Масхарабоз

Беш минг крон! Ростми? Ёки бу уйқум?

Мефистофель

Тирилиб келдингми, қўш оёқлик хум?

Масхарабоз

Тирилиш кўп бўлган, лек бундайи кам.

Мефистофель

Шодлиқдан жиққа тер бўлибсан, ошнам.

Масхарабоз

Наҳот, шу қоғозлар пул бўлса? Шу чин?

Мефистофель

Олурсан нимани сўраса қорин.

Масхарабоз

Олсам бўладими бунга ер, сув, мол?

Мефистофель

Албатта, кўнглинг не тусар бўлса, ол.

Масхарабоз

Демакки, қаср ҳам, ҳовуз, хиёбон.

Мефистофель

Яшарсан бамисли катта зодагон.

Масхарабоз

Зодагон бўламан шу бугуноқ, кўр!
(Кетади.)

Мефистофель

Шубҳам йўқ, тентакнинг ақли жуда зўр!


ТЎРТИНЧИ ФАСЛ

ТОҒЛИК ЕР

Юксак қоялар. Булут сузиб келади ва чўққилар орасидаги ялангликка қўнади. Ундан Фауст чиқиб келади.

Фауст

Оёғим остида ётар тубсиз жар,
Юксак қояларга қўюрман қадам.
Мени очиқ кунда неча денгизу
Неча саҳролардан учириб ўтган
Булутни тарк этиб чиқурман аста.
Ёйилмай, таралмай ул тутам булут
Оҳиста шарқ томон учиб кетмоқда.
Мен ҳайрат ичида унга боқурман:
Ана, у юмалоқ шаклидан аста
Бошқа кўринишга ўтди. Қаршимда
У турли сувратлар қилур намоён.
Ростми бу кўрганим? Нурга йўғрилган
Юксак чўққи узра бўлади пайдо
Маъбудалар каби гўзал бир аёл
Ким ул? Юнонами, Леда, Елена?
Нақадар улуғвор бу қадду қомат!
Аммо узоқлашар мендан бу суврат,
Аста йўқолади, унинг ўрнида
Мози лавҳаларин ёдга солгувчи,
Қатор оппоқ қорли чўққилар пайдо.
Мени ўраётир салқин бир туман,
Муздек нафасини уриб кўксимга
Ана, булут бўлиб ҳаволанур у:
Э, воҳ, алдамасми мени кўзларим?
У ўша, биринчи муҳаббатим ул,
Йўқотган маҳбубам, ёшлик қувончим,
Кўнглим хазинаси, сени танидим.
У ўша, умримнинг барқут тонгида
Учратганим ёруғ, маъсума кўзлар,
Юрагимдан мангу жой олган, аммо
Вақтида мен англаб етмаган нигоҳ.
Агар уни асраб қололган бўлсам,
Жаҳон ганжи бўлур эди мен учун.
У қалб гўзаллиги каби мусаффо
Юксакка интилар. У кетаётир,
Борлиғимнинг энг соф ва энг табаррук,
Парчасини олиб кетаётир ул.

Тоғ устига учар этиклар келади. Улардан Мефистофель тушади. Этиклар яна йўлида давом этади.

Мефистофель

Сени доим сирли ҳаётга
Етаклайди беором дилинг.
Нечун тоғлар қалашиб ётган,
Бу масканга саёҳат қилдинг?
Ҳеч тинчлик йўқ, толди-ку тиззам
Бул маконни дарҳол танидим:
Билсанг, агар ўтлиқ жаҳаннам
Туби бўлган бу ерлар қадим.

Фауст

Ҳар гапда бир чўпчак кераксиз,
Кунинг ўтмас ёлғон, эртаксиз

Мефистофель
(Жиддий)

Эшит! Бизни худо бир гуноҳ учун
Тубсиз жаҳаннамга ташлади у кун.
Ер қаърига тушдик фалакдан ногоҳ,
Маконимиз бўлди алангали чоҳ.
Гарчи бу маконда шуъла бор эди,
Аммо иссиқ эди, жуда ортди ғамимиз,
Бизни йўтал тутди, қайтди дамимиз.
Акса, йўтал пудаш — бари бўлиб жам,
Қўланса ҳавога тўлди жаҳаннам.
Бу ҳаво босими ортиб кун сайин,
Бир куни қўпориб ер қатламларин.
Остин-устун бўлди портлашдан ҳар ёғ,
Тоғ — ер туби бўлди, ернинг туби — тоғ.
Олимлар қотириб шундан миясин,
Яратдилар ост-уст назариясин.
Қайта туғилгандай бизлар дунёга,
Ер остидан чикдик очиқ ҳавога.
Бу ҳолат сир бўлди кўп узоқ дамлар,
Ниҳоят, кашф этди буни одамлар.
(Ефес, 6,12)

Фауст

Мана, тоғ юксалиб турибди сокин,
Унинг қандоқ пайдо бўлганин локин —
Сўраб ўлтирмасман. Халойиқ табиат
Ўзлигини ўзи яратган фурсат
Заминга ҳам шакл берди думалоқ,
Бир ерни жар қилди ва бир ерни тоғ.
Бари силсилалик — ёнбағир адир
Тоғ билан водини туташтирадир.
Кўмилиб ётади замин гулларга,
Ўрин йўқ бемаъни ағдар-тўнтарга.

Мефистофель

Фикринг шуми? Менинг ўзгадир сўзим,
Чунки барчасига гувоҳман ўзим.
Биламан, заминнинг чуқур қаърида
Олов ёниб, қўпган кучли гулдирос.
Малох болғасининг зарбаларида
Қоялар ушалиб сочилган паққос.
Текис ялангликда кўриб улкан тош,
Файласуф ногаҳон қашиб қолар бош.
Бу харсангнинг қайдан тушганин билмас,
Малох болғасидан учганин билмас.
Харсанг ўз жойида тураберади,
Олим тушунолмай юраберади.
Буни англаб етган фақат оддий халқ,
Фақат унинг фикри росту сўзи ҳақ.
Оддий ҳақиқатни тушунган киши.
Дер: буларнинг бари шайтоннинг иши.
У ўз ишончида мустаҳкам, тикка
Борар «шайтон тош»дан «шайтон кўприк»ка.

Фауст

Олам яралиши ҳақида бундоқ
Шайтоннинг фикрини қизиқ эшитмоқ.

Мефистофель

Олам билан ишим йўқ, лек менинг ҳам
Уни яратишда бор андак ҳиссам.
Бизнинг қонимизда куч бор — ижодкор,
Асов куч, сурон бор, исёнкорлик бор.
Меҳнат маҳсулимиз ер юзи бутун
Кезиб кўриб чиқцинг сен уни букун.
Айт, унинг қай бурчин маъқул билурсан?
Қайси нуқтасини макон қилурсан?
Сенга аён унинг барча тарафи,
«Оламмулки ила унинг шарафи».
(Матф. 4, 8)

Лекин таскин топмас сира юрагинг,
Чегара билмайди сенинг тилагинг.

Фауст

Фикрим буюк ишлар билан банд.
Қани, топ-чи?

Мефистофель

Топаман, албат.
Мен сен бўлсам эди агарда,
Яшар эдим кўҳна шаҳарда.
Уни ўзга пойтахт билардим,
Қинғир-қийшиқ кўча қилардим.
Икки четин қилардим бозор,
Кўрар эдим расталар қатор.
Канорада сасиган гўштлар,
Ўйнар эди пашшалар ғужғон,
Савдо қилар сабзафурушлар,
Дим, бадбўй ҳид, бетартиб сурон.
Нарирокда эса бўларди
Кенг кўчалар, катта майдонлар.
Боқса, одам кўнгли тўларди,
Кезса, ором оларди жонлар.
Ундан нари — шаҳар четида
Қўрғонлару боғ қилардиммен.
Гуллар экиб йўллар бетида.
Юрагимни чоғ қилардиммен.
Кимпиёда, кимаробада .
Юрганини кўриб турардим.
Кимқасрда, кимхаробада
Турганини кўриб юрардим.
Кўз олдимда бўларди шаҳар:
Кўча-кўйда тун-кун безавол —
Уймалашиб ётган одамлар
Чумолилар лашкари мисол.
Сайр этгани кўчага чиқсам,
Бутун шаҳар мени биларди,
Мени кўриб неча минг одам,
Таъзим ила қуллуқ қиларди.

Фауст

Мени кўриб неча минг одам,
Таъзимила қуллуқ қиларди.

Фауст

Булар бари бекорчи мехнат.
Тўқ бўлиши учун одамлар
Йўқ бўлиши учун дард, ғамлар,
Бошлиқ чекар туну кун заҳмат.
Лекин айтмас ҳеч кимса раҳмат.
Қашшоқ тўйса, бут бўлса ночор —
Кўпаяди албат исёнкор.

Мефистофель

Ундай бўлса, танлаб сўлим жой,
Тиклар эдим ўзимга сарой.
Ажойиб бар макон қилардим.
Теграмни боғ, бўстон қилардим.
Кўкка чўзиб текис шохларин,
Саф-саф бўлиб дарахтлар турар,
Эсар эди шаббода сарин,
Кумуш сувлар шарақлаб турар.
Фавворалар қилиб тантана
Рақс этарди гўзал, серфусун.
Хос хоналар қилардим яна
Паричеҳра жононлар учун.
Улар билан ўтказар эдим
Танҳоликни хушнуд, сарафроз.
Жононлар деб бекор айтмадим —
Жононларнинг кўп бўлгани соз.

Фауст

Сарданапал! Замонга мос!
Мефистофель
Билолмасман, сен на ўйга банд.
Юксалибсан шунчалар баланд,
Балки сени жалб этмоқда ой,
Интилурсан, унга, ҳойнаҳой?

Фауст

Асло! Буюк мақсадлар учун
Жой беҳисоб замин узра ҳам.
Зўр ишларга ҳозирман букун —
Менда қудрат, орзу бор олам.
Мефистофель
Ҳа, қўйибсан шуҳратга ҳавас,
Еленага бўлиб ҳамнафас.

Фауст

Йўқ, хаёлим шуҳратда эмас,
Фикрим энди мулку давлатда,
Эгалиқца, бетин меҳнатда.

Мефистофель

Мадҳ этурлар шоирлар сени,
Авлодларга кўрсатиб ўрнак.
Куйлаб бирнинг тентак ишини —
Улар кўпни қилурлар тентак.

Фауст

Бегонадир сенга бу туйғу,
Сен инсонни қайдан билурсан?
Одамзоднинг энг юксак, эзгу
Ниятларин мазах қилурсан.

Мефистофель

Майли, қилмай туйғуни қадр,
Аммо сенинг тилагинг надир?

Фауст

Мен юксакдан ташладим назар;
Кўз олдимда денгиз қирғоғи.
Кўрдимуни, асов тўлқинлар
Кўпик сочиб ялаган чоғи.
Юрагимни ранжитди бу ҳол:
Зулм — озод руҳ учун даҳшат.
Албат аҳли инсонга малол,
Ғолиб келса гар ваҳший қудрат.
Сув қайтганда ўйладим, тинар,
Йўқ, ушбу ҳол экан анъана.
Қирғоқни тарк этгач тўлқинлар,
Қайтиб ҳужум қилурлар яна.
Яна унга ғазаб этурлар
Аввалгидан кўра шиддаткор!
Сўнгра ортга қайтиб кетурлар —
Буни яна этмоққа такрор.

Мефистофель
( Томошабинларга)

Хўп янгилик топибсан, қойил!
Мен кўрурман буни юз минг йил.

Фауст
(Куйиб-ёниб давом этади)

Ёвуз тошқин соатлар қадар
Соҳилларга қилару ҳужум,
Бу ерларни неча асрлар
Қумга кўмиб, қилар беунум.
Шу боисдан ўрнатур юрак,
Вужудимга қўзғалур туғён.
Мен ул кучни енгмоғим керак,
Мана, жангга ҳақиқий майдон.
Халос қилай забун қирғоқни,
Асов сувга тушов солайин;
Ҳосил бермай ётган тупроқни
Тўлқинлардан тортиб олайин;
Бу мумкиндир. Гарчи нақадар
Бебош, қайсар бўлса ҳамки сув,
Ҳар дўнгликни айланиб ўтар,
Ҳар чуқурга оқиб кирар у.
Режам тайёр, киришиб тездан
Мақсудимга топаман имкон.
Мен қирғоқни тўсиб денгиздан —
Ғов қўяман, тиклайман тўғон.
Боғ унажак соҳилда токим,
Басир ғавғо бўлмасин ҳоким.
Хаёлимда шу иш, ўша ер,
Бу меҳнатда менга мадад бер.

Томошабинлар орқасида, ўнг томоцан ҳарбий музика ва ноғоралар садоси эшитилмоқда.

Мефистофель

Ноғоралар садоси!

Фауст

Наҳот!
Донишга бу ёт.
Яна уруш!

Мефистофель

Уруш бўлса, не зарар сенга?
Маслаҳатим булдир, қулқ ос:
Ҳар бар наф топ ўзингга
Ва темирни қизиғида бос.

Фауст

Қанақа наф? Қийин тушунмоқ,
Сўзласанг-чи очиқ, бежумбоқ.

Мефистофель

Йўл устида хабар топди боз,
Бизнинг подшо эшим қайғуда.
Эсингдами, биз уни қоғоз
Пуллар билан қилиб сарафроз,
Хаёлини чулғаб доғуда,
Бар лаҳза қилгандик жуда.
У жуда ёш ўлтирди тахтга
Ва дуч келди биз берган бахтга.
Рост билиб у шўрлик ўғлонни,
Сотиб олмоқ бўлди жаҳонни.
У ишонди — очиқ йўлим деб,
Қайга чўзсам, етар қўлим деб.
Токи сўнгги онига қадар
Олам ичра у бўлар танҳо
Фақат унга ёр бўлар зафар.
Фақат унга бош эгар дунё.
У ишонди — бўлур муясар
Унга бар йўл ҳокимлик, сафо.

Фауст

Буюк хато! Ҳокимлар учун
Ҳукм сурмоқ ўзи катта бахт.
Улар тенгсиз ирода кучин
Кўрсатмоғи керакдир албат.
Ҳокимларга ярашур шиддат
Ва буюрмоқ мингга, туманга...
Лекин сафо, айшу фароғат
Олиб тушар уни тубанга.

Мефистофель

Тўғри, аммо бизнинг буюк шоҳ
Бу гаплардан бўлмади огоҳ.
Юрт чок-чокдан сўкилиб кетди,
Чўпчак уйдек тўкилиб кетди.
Тарқаб арча чакка-чаккага,
Иниси ёв бўлиб акага,
Шаҳар билан курашиб шаҳар,
Боён билан аҳли ҳунарлар —
Деҳқон билан бою зодагон
Жанг қилади қаттол, беомон.
Шоҳга қарши юрди аҳли дин,
Айру бўлди миллат миллатдин.
Кўча-кўйда дуч келса икков,
Албат чикди бар-бирига ёв.
Савдо билан чиққан ҳар тужжор —
Ўликлари қолди йўлда хор.
Яқин келди фалокат ўзи,
Авжга минди хунрезлик, ғорат.
Шундай қилиб, яшамоқ сўзи —
Жон сақламоқ бўлди оқибат.

Фауст

Оқсоқланиб, сургалиб оғир,
Муккасидан йиқилди охир.

Мефистофель

Бошда барча эди хотиржам,
Зўр зўроқни ялаб юрарди.
Ожизлар-чи ўзларидан ҳам
Ожизларни талаб турарди.
Лекин яқин қолганди хатар,
Бош кўтарди бир неча оқил.
Улар деди: «Бас энди, етар,
Мамлакатга шоҳ керак, одил.
У қаттиққўл бўлсин. Бизнинг шоҳ —
Элимизга бўлолмас паноҳ.
Янги подшо тахтга ўлтирсин,
У кўрсатиб қудрат ва шиддат,
Мамлакатга бар йўла берсин
Ҳамтинчлик, ҳамадлу фароғат!»

Фауст

Руҳонийлар сўзи бу.

Мефистофель

Улар
Бошладилар халқни исёнга.
Эл кўнглига қутқу солдилар,
Фойда бўлсин учун ҳамёнга.
Мана букун турар тоғ аро
Исёнкорлар қўшини қатор.
Букун бизнинг беозор подшо
Жангга кирар, балки сўнгги бор.

Фауст

Соддадил шоҳ эди у, эсиз.
Мефистофель
Юр, борайлик шоҳ ёнига биз.
Кимки яшар, ҳаётда бордир.
Уни эсиз демак бекордир.
Кимки бар бор топибди омон,
Омонликда бўлғай кўп замон.
Юр, биз унга берайлик мадад,
Кифоядир бар кичик зафар.
Шунда ундан кечган вассаллар
Йиғилишиб келурлар албат.

Улар тоғ оралиғига тушадилар ва водийда турган қўшинни кўздан кечирадилар. Пастдан ҳарбий музика, ноғора садолари эшитилиб туради.

Мефистофель

Жуда соз у эгаллаган жой,
Бизга боқур зафар, ҳонаҳой.

Фауст

Қандай мадад берурсан бироқ,
Ёки яна жоду ва алдоқ...

Мефистофель

Ғалабанинг кўп тадбири бор,
Билки, жангда енгар ҳайлакор.
Ўз ишингга сен ҳам пухта бўл,
Мақсад сари тутгил аниқ йўл.
Шоҳни ошно қилиб бахтига —
Ўтқазсак биз қайта тахтига,
Сен тиз чўкиб берурсан салом
Ва олурсан подшодан инъом.
Поёни йўқ денгиз қирғоғин
Аниқ билгин сенга бермоғин.

Фауст

Бундоқ ишга сен пири комил,
Жанг қилабер ўзинг, азозил!

БЕШИНЧИ ФАСЛ

ЯРИМ ТУН

Тўрт оқ сочли аёл пайдо бўлади.

Биринчиси

Исмим Камчилиқдир.

Иккинчиси

Менинг номимАйб.

Учинчиси

Менинг отимТашвиш.

Тўртинчиси

Менман Эҳтиёж!

Камчилик

Эшиклар берк, бунда яшар зодагон.

Айб

Демакки, кирмоққа йўқ бизда имкон.

Эҳтиёж

Сояга айлангум.

Камчилик

Йўқолгум.

Айб

Беиз.

Эҳтиёж

Зодагон уйида ортиқчамиз биз.

Ташвиш

Ҳаммангиз маҳрумсиз бунда киришдан,
Фақат мен — Ташвишга йўл бор тирқишдан.
(Ташвиш кўздан йўқолади.)

Камчилик

Келган изимизга қайтайлик илдам.

Айб

Сен қаерда бўлсанг, шундаман мен ҳам.

Эҳтиёж

Изингдан борурман мен ҳам доимо.

Камчилик

Кўк юзини булут қоплар қоп-қаро.

Айб

Олисдан биз томон келаётган ким?

Эҳтиёж

Ахир, у суюкли акамиз — Ўлим!
(Кетишади.)

Фауст
(Саройда.)
Тўртоқ эди улар, учов қайтдилар,
Илғамадим бунда нелар айтдилар.
«Эҳтиёж» сўзини эшитдим танҳо,
Сўнгра «ўлим» сўзни — мисли акс садо.
Ҳамон қувар мени шарпалар, ҳайҳот!
Ҳамон бўлолмасин улардан озод.
Оҳ, қани жодуга беролсам барҳам,
Дуо сўзларини тамом унутсам.
Табиатга ошно бўлсаму фақат.
Инсон бўлиб ерда қилсайдим меҳнат.
Ҳа, мен инсон эдим, то мен ўзимни
Қарғаб, қаро қилмай аввал юзимни,
Шарпаларга тўлди мен учун жаҳон,
Энди қутулмоққа йўқ сира имкон.
Кундуз ақлу фикрат ёр бўлса-да гар,
Тунда босиб келар қора соялар.
Тонг чоғи сайр этсам бардам, саломат,
Ваҳ, қарға қағиллар, хунук аломат.
Бар белги берадур менга ҳар бар ҳол,
Нетай, ҳар қадамда кўрадурман фол.
Мени ваҳмбосар сукунат аро...
Эшик ғичирлади... ҳеч ким йўқ аммо.
(Ҳаяжонда.)
Бунда биров борми?

Ташвиш

Ҳа, албатта бор.

Фауст

Сен кимсан?

Ташвиш

Мен бунда айлаган қарор.

Фауст

Кет бундан.

Ташвиш

Жойимда тутганман мақом.

Фауст
(Аввал ғазабланиб, сўнг ўзини босиб.)

Майлига, айтмайман мен дуо калом.

Ташвиш

Сенингча, мен бекорман,
Юрагингда лек борман.
Ҳар шаклда, ҳар турда
Мен бўлурман намоён.
Мендан бутун умрда
Озод бўлолмас инсон.
Қуруқда ҳам, сувда ҳам
Бўлурман қўрқинч ҳамдам.
Тақдири азал бормен,
Қисмат берган озормен.
Билмаганми эдинг ташвиш нимадир?

Фауст

Мен парвосиз ўтдим ҳаёт йўлидан,
Тутдим ҳаргиз шодлик, лаззат қўлидан.
Фароғат мен учун бўлди беқадр,
Ўртамадим, уни йўқотсам, бағир.
Мен истак отини тинмай қистадим,
Истагимга етдим, яна истадим.
Мени етаклади ёшлик, эҳтирос,
Мана энди тиндим, қуюлдим бар оз.
Менга бўлди олам асрори аён,
Билдим, у дунёга ишонган — нодон.
Нодон ул — кўз тикиб булутлар сари
Одамларни кўрган ўзи сингари.
Заминда маҳкам тур, касб айла камол,
Фалакдан мангулик излама асло.
Фозил эрсанг, олам эмас гунгу лол,
Не кўриб билурсан, узатур дунё.
Шундай яша, интил мақсадга томон,
Шарпалардан излаб юрма синоат.
Интилишда — шодлик, ғам, умид, армон,
Бирор сониядан топма қаноат.

Ташвиш

Тузоғимга тушимдан одам,
Қоронғудир унга бу олам.
Қуёш чиқар ва қуёш ботар,
Лек дилида унинг тун ётар.
Унинг учун ёруғ кун — зулмат,
Ҳар бар ҳолат — ёмон аломат.
Кўп бўлса ҳам молу давлати,
Бу давлатнинг йўкдир қиммати.
Емиш тўла — ўзи оч,
Эгни бутун — яланғоч.
На шодлигу на алам.
Бергай унга бу олам.
Куни шундай ўтади
Фалокатни кутади.

Фауст

Чекил, менмас сен айтган одам,
Безор бўлдим, бўйла нақлдан.
Аммо сўзинг донишмандни ҳам
Оздирмоғи мумкин ақлдан.

Ташвиш

Тўхтами йўқ бечора,
Йўл устида овора.
У бар гормон юради,
Яна ҳайрон туради.
У бамисли тузокда,
Офат кўрар ҳар ёқда.
Ўзига ортган у ғам,
Юк бўлур ўзгага ҳам.
Дили доим озурда,
Яримжон, яриммурда.
Билмайдир — надур қувонч,
Интилиш йўқ, йўқ ишонч.
Бул бечоралик учун,
Бул оворалик учун
Ним уйғоқ ва ним уйқу;
Ҳолати учун мангу
У дунёда шул тариқ
Жаҳаннамга мустаҳиқ.

Фауст

Эй қўрқинч шарпалар! Солурсиз нечун
Одамзодни шунча дард, изтиробга!
Сиз туфайли, инсон учун ҳар бар кун,
Ҳар лаҳза айланур минг бар азобга.
Жинлар чангалидан мушкул қутулмоқ,
Уларга туну кун йўллайман қарғиш.
Лекин ҳаммасидан кўра ортиқроқ
Сени лаънатлайман, эй, ёвуз ташвиш.

Ташвиш

Ўша ёвузликни ўзда синаб кўр,
Қарғишларинг ажрин энди олурсан.
Одамлар бўлади — туғилишдан кўр,
Сен ўлим олдида кўздан қолурсан.
(Кўзига пуфлайди.)

Фауст
(Кўр.)

Кўзларимга олам бўлди зимистон,
Аммо юрагимда ёнар сирли нур.
Кўнгилда иштиёқ урмоқда туғён,
Яна менда ичан соҳиб жонланур.
Эй, сиз азаматлар, толмас, шербилак,
Меҳнатга чорлайман, сафларга туринг.
Қўлларга олингиз замбил, белкурак —
Ариқлар очингу довонлар қуринг.
Ҳаммангиз бирликда, дўстона, аҳил,
Қилган меҳнатингиз етказур самар.
Мақсуд ҳосил бўлур, бошлаб бар ақл,
Минглаб қўл мардона ишласа агар.

САРОЙ ОЛДИДАГИ КЕНГ САҲН

Машъаллар. Мефистофель нозир сифатида олдинда.

Мефистофель

Келинг, тез, имилламай,
Ана, чопиб келурлар
Вужуди томиру пай
Ва қоқ суяк лемурлар.

Лемурлар
(Ялпи.)

Мана, келдик, биз тайёр,
Бажарурмиз, буйруқ бер.
Балки ажратмоқ даркор
Соҳиб учун янги ер.
Олиб келганмиз қозиқ
Ўлчамоқ учун қанот
Келдик, аммо эсда йўқ,
Нега чақирди жаноб.

Мефистофель

Гап шу: ётсин бу ерга
Ичингизда энг узун,
Ўлчаб унинг бўйига
Чуқур қазийсиз букун.
Боболар кетган ерга
Берурлар ҳар инсонни.
Йўл саройдан қабрга
Олиб борар ҳар жонни.

Лемурларнинг бири
(Ер кавлар экан, қилиқ қилиб.)

Мен ҳам бир вақт ёш эдим,
Қувноқ эдим ва ботир.
Базмларда бош эдим,
Ҳар бир ишда дов, қодир.
Мана бу кун йўлиқиб
Қариликдек жабрга,
Кучи кетди, йиқилиб
Тушиб қолдим қабрга.

Фауст
(Эшик, деворларни пайпаслаб саройдан чиқиб келади.)

Белкурак жаранги хуш ёқар менга,
Ишга киришибди халойиқ демак.
Сув офатин таслим қилиб заминга,
Довон қурмоқдалар мустаҳкам, юксак.

Мефистофель

Меҳнатларинг бизнинг фойдага фақат.
Тўғон қурасану аслида, Нептун
Офатлар базмини қурмоғи учун
Яратиб берурсан соз имконият.
Балоларнинг бари бизга ҳамнафас,
Меҳнатларинг бари бўлади абас,
Олам йўқ бўлади бар кун оқибат.

Фауст

Ҳей, нозир!

Мефистофель

Бундаман.

Фауст

Киришиб шаҳдам
Одамларни қилғил ишга сафарбар.
Аяма, соч, қанча керак сийму зар,
Майли, мажбур қилсанг, куч ишлатсанг ҳам.
Ариқ ишларидан жадал ва шитоб
Бериб тургил менга ҳар кун сарҳисоб.

Мефистофель

Бу гал ариқ эмас, бениҳоя зўр,
Сенга атаб жадал қазилмоқда гўр.

Фауст

Тоғ этаги қадар чўзилмиш ботқоқ,
У бор экан, барча меҳнатим абас.
Турғун сувни ҳайдаб, уни қуритмоқ
Менинг ниятимдир эзгу, муқаддас.
Миллион одамларни чорлаб у томон,
Бир юрт барпо этай янги, беадад.
Гарчи бунда хатар бўлгай ёнма-ён,
Эллар ҳур меҳнатдан топурлар мадад.
Яйраб нафас олур кенгликда одам,
Ўтлоқларга қўю моллар тўлади.
Бар томонда бўрон, тошқин балодан
Сақлагувчи юксак довон бўлади.
Бу ер бўлур чиндан замин жаннати,
Майли, денгиз солсин бар ёнда сурон.
Ва лекин курашчан инсон кудрати,
Балолар йўлига бўлолур тўғон.
Шу мақсадга банддур хаёлим бутун:
Узоқ ҳаёт йўлин ўтмиду босиб,
Олам ҳикматини айладим якун,
Ким — эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун,
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
Худди шундай меҳнат кураш ва ҳавас
Банд айласа — ёшу кекса — ҳар кимни,
Шундай кунда кўрсам эдим бар нафас
Озод диёримни, озод халқимни.
Шунда мен айтардим баралла, шаксиз,
Тўхта, эй дақиқа, гўзалсан ғоят!
Айтардим ҳаётда мен қолдирган из
Ўчмайин қолажак абадул-абад.
Ўшал сонияни сезиб олдиндан
Энг олий лаҳзада турибман бу дам.

Фауст йиқилади. Лемурлар уни тутиб қоладилар ва ерга қўядилар.

Мефистофель

У ҳаловат билмай ўтди бар нафас,
Шарпалар кетидан қувлади мангу.
Оқибат бемаъни, пуч ва арзимас
Сўнгги дақиқани тутмоқ бўлди у.
Мен билан олишди узоқ бу банда,
Юзтубан йиқилди вақти етганда.
Соат тўхтади.

Хор

Ҳа, бамисоли тун,
Тўхтади. Миллари тўкилди бутун.

Мефистофель

Миллари тўқилди. Бу, мурод ҳосил.

Хор

Тамом!

Мефистофель

Тамом? Ажаб, бу не қийлу қол,
Нима тамом бўлди? Юз берди не ҳол?
У йўқ эди, бўлди адамга дохил.
Яратмоқ, яъни бор қилмоқдан мақсад —
Аслида қайтадан йўқ қилмоқ фақат.
Интиҳо денгиз-у қани ибтидо?
У асли бормиди бўлмайин пайдо?
Кўринган у шарпа эди, шубҳасиз...
Менга фақат йўқлик дунёси азиз.
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:33:55 muallifi AbdulAziz »
«Namozni mukammal ado etingiz, zakot beringiz va ruku qiluvchilar bilan birga ruku qilingiz» (Baqara, 43).

 

Erkin Vohidov. Saylanma. 1-jild. Ishq savdosi

Muallif AnsoraBo'lim Zamonaviy o'zbek she'riyati

Javoblar: 5
Ko'rilgan: 65109
So'nggi javob 26 Sentyabr 2009, 16:52:30
muallifi Ansora
Erkin Vohidov. Saylanma. 3-jild. Umrim daryosi

Muallif AbdulAzizBo'lim Zamonaviy o'zbek she'riyati

Javoblar: 7
Ko'rilgan: 34502
So'nggi javob 13 Mart 2010, 10:18:42
muallifi Y_U_R_I_S_T
O'lmas Umarbekov. Saylanma. 1-jild. Hikoyalar

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek nasri

Javoblar: 4
Ko'rilgan: 9746
So'nggi javob 21 Dekabr 2008, 08:49:33
muallifi AbdulAziz
Erkin Vohidov. Oltin devor (komediya)

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek dramaturgiyasi

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 15732
So'nggi javob 18 Mart 2010, 01:21:22
muallifi Ansora
Erkin Vohidov. Ikkinchi tumor (tragikomediya)

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek dramaturgiyasi

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 12416
So'nggi javob 18 Mart 2010, 01:06:43
muallifi Ansora