Қабасотун мин ҳаётир Расул  ( 26447 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 B


MirzoMuhammad  04 Mart 2015, 19:14:10

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АХЛОҚ
(давоми)
“СИДДИҚ”
      Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сайр қилганларида Абу Толибнинг қизи Умму Ҳоний разияллоҳу анҳога (исми Ҳинд эди) мазкур Исро ҳақида айтиб бердилар. Сўнг чиқиб кетмоқчи бўлиб ўринларидан тураётан эдилар, этакларидан ушлаб:
-   Ё Набийюллоҳ! Худо ҳақи, ўтинаман, эй амакимнинг ўғли! Бу ҳодисани Қурайшга айта кўрманг! Сизни тасдиқлаб турганлар ҳам ёлғончига чиқарурлар! Сўзларингизни инкор қилурлар! – деди Умму Ҳоний.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан этакларини қоқиб чиқиб кетдилар. Қурайшдан бир неча киши турган жойга етиб келдилар. Уларнинг ораларида Мутъим ибн Адий ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом бор эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар барибир ёлғончига чиқаришларини сезиб, ғамга чўкиб ўтирдилар. Абу Жаҳл истеҳзо ила сўради:
-   Ҳа, Муҳаммад! Бирор иш бўлдими?
-   Ҳа. Бу кеча тунги сайрда бўлдим.
-   Қаерга?
-   Байтул Мақдисга, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Тонг отгунча яна қайтиб келдингми? – сўради Абу Жаҳл.
-   Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Қараб тур, ҳозир қавмимни чақирсам уларга ҳам менга айтиб берганларингни айтиб бера оласанми?
-   Ҳа – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл ҳайқира бошлади:
-   Ҳой Қурайш жамоаси! Ҳой Луай ибн Каъб болалари!
Одамлар ўринларидан туриб шу томонга келиб ўтириша бошлашди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Бу кеча мен Байтул Мақдисга сайр қилдим. Ёнимга пайғамбарлар жамоаси ҳозир бўлди. Уларнинг ичида Иброҳим, Мусо ва Исолар бор эди, – дедилар.
Қурайш бу сўзларни эшитиб шовқин сурон кўтариб юборди. Исро воқеасини ўта ошириб юборди деган фикрда баъзилари қарсак чалиб юборди, айримлари эса таъажжубдан бошларини чангаллаб олди. Мутъим ибн Адий эса:
-   Сенинг ишларинг бугунгача ҳам ҳар ҳолда енгилроқ эди. Аммо бугунги сўзларинг сенинг ёлғончилигингга гувоҳ бўлади. Бизлар Байтул Мақдисга бориш учун туяларимизда бир ой у томонга, бир ой бу томонга юрамиз. Сен эса шунча йўлга бир кечанинг ўзидаёқ етиб бордим деб даъво қиляпсанми?! Лот ва Уззога қасамки, мен сенинг бу сўзингга асло ишонмайман!
Мушриклар шошилиб Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб:
-   Дўстинг бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганини даъво қилаётганидан хабаринг борми? – деб сўрашди.
-   Шундоқ деб айтдими? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, – дейишди.
-   Аллоҳга қасамки, агар шундай деб айтган бўлса, ҳақиқатан ҳам тўғри айтибди! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу. Шу кундан бошлаб “Сиддиқ” лақабини олди ва у зот шаънида Аллоҳ таолонинг ушбу Каломи нозил бўлди:
وَالَّذِي جَاء بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
“Ва Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир”. (Зумар, 33)


ҲАЗРАТ АЛИНИНГ ҚУЛИ
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу инсонларнинг афзалларидан ва гўзал хулқлиларидан эдилар. Бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Иккинчи, учинчи бора яна чақирди – жавоб бермади. Туриб излаб топиб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.
-   Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
-   Эшитдим, – жавоб берди қул.
-   Унда нега жавоб бермадинг?
-   Барибир менга азоб-уқубат қилмаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:
-   Ундай бўлса сени Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ РИСОЛАТДАН АВВАЛГИ ХУЛҚЛАРИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
Жоҳилият амалларидан биронтасига ҳам эҳтимом қилмаганман, илло икки бора уринганимдан бошқа. Ўшанда ҳам Аллоҳ мен билан мен ирода қилиб эҳтимом қилган нарсани токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар пардалаб қўйган.
Иттифоқо, Макканинг юқори қисмида мен билан бирга қўй боққувчи қурайшлик ғуломга бир тунда:
-   Қўйларимга қараб турсанг Маккага тушиб чиқар эдим. Мен ҳам ўспиринлар каби бир ўйнаб келай-чи – дедим.
-   Майли – деди у.
Ўйин кулгуни ирода қилиб чиқиб кетдим. Макканинг бошланиш маҳалласига етганимда карнай ва дўмбира овозларини эшитдим.
-   Бу нима? – десам:
-   Фалончининг ўғли фалончи фалончининг қизи пистончига уйланяпти – дейишди. Мен энди уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Шу ҳолатда ухлаб қолиб, қуёш нури тушгандагина уйғондим.
Шеригимнинг олдига бордим.
-   Ним ақилдинг? – сўради у.
-   Ҳеч нарса қилмадим, – деб бўлган ҳолатни айтиб бердим.
-   Бошқа бир кеча унга яна ўша гапни илтимос қилувдим, “Хўп” деди. Чиқиб кетиб, аввалги сафар Маккага тунда кирганимдагидек овоз эшитдим. Уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Аллоҳга қасамки, ухлаб қолиб яна қуёш нури тушгандагина уйғондим. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Унга бўлган гапни айтдим.
Ўшандан сўнг Аллоҳ азза ва жалла токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар ёмон ишга эҳтимом қилмадим.


ТАБАРРУК ЕЛКАЛАР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
-   Сиз бир кун мени уриб жонимни оғритган эдингиз, – деди.
-   Қасосингни ол, мени ур! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менинг елка ва орқам очиқ эди, – деди у киши.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак елкаларидан ридоларини туширдилар. Ҳалиги киши эса шу пайт табаррук елкалардани силаб ўпа бошладилар. Чунки унинг мақсади шундай улуғ табаррукликка етишиш эди.

ТИЛИНГНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ
Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, – дедим.
-   Сен буюк нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Бироқ у Аллоҳ енгил қилган кимса учун осондир. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан. Намозни барпо қиласан. Закотни адо қиласан. Рамазонда рўза тутасан. Байтга ҳаж қиласан. – Сўнг сўрадилар: - Сени яхшилик эшикларига далолат қиайми? Рўза – қалқондур. Садақа – сув ўтни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг тун қўйнида ўқиган намози ҳам.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилдилар:
تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفاً وَطَمَعاً وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Сажда, 16-17)
Сўнг яна сўрадилар:
-   Сенга ишларнинг боши, устуни ва энг юқори ўркачининг хабарини берайми?
-   Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули! – дедим.
-   Ишларнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юқори ўркачи – жиҳод. Энди улурнинг ҳаммасига эга бўлишнинг хабарини берайми?
-   Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули!
Тилимни ушладилар. Сўнг:
-   Буни ўзингдан тийиб ол! – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар гапирган сўзларимиздан ҳам ушланамизми?
-   Онанг сени йўқотиб қўйгур!  Инсонлар дўзахга юз тубан бўлиб (ёки “бурунлари ишқаланиб” дедилар) йиқилишлари ҳам тилларининг “маҳсули” эмасми? – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.


ҲАЗРАТ УМАР ВА ХАБАРЧИ
Қодисия воқеасида Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу қўмондонлигида мусулмонлар тўлиқ зафар қозонишди. Саъд Умар ибн Хаттобга Форсни қандай қўлга олганлари ҳақида хат ёзиб юборди. Умар разияллоҳу анҳу йўлда келаётган хабарчига йўлиқиб қолди ва:
-   Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима гаплар бўлди, менга айтиб бер-чи? – деди. Хабарчи:
-   Аллоҳ таоло мушрикларни тор-мор қилди! – деди.
Умар разияллоҳу анҳу хабарчидан савол сўрар, у эса танимаган эди. Сўнг туясига  бир оз дам бериб шаҳарга кирса, одамлар Умарнинг мулозаматида экан. Хабарчи ҳижолат бўлиб кетиб:
-   Аллоҳ Сизга раҳм қилсин, мўминларнинг амири эканлигингизни айтиб қўймапсиз-да! – деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу:
-   Ҳижолат бўлма, биродарим! – деди.

ИККИ КИШИЛИК ГУВОҲ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Хузаймадан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Савво ибн Қайс Муҳорабий исмли аъробийдан от сотиб олдилар. Пулини олиб бериш учун аъробийни етаклаб йўлга чиқдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тезроқ қадам ташладилар, аъробий эса орқароқда қолиб кетди. Бир неча киши аъробийга рўпара келишиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сотиб олганларидан бехабар отни баҳолаша бошлашди. Ҳатто айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нархдан ҳам юқорироқ баҳо бера бошлашди. Нарх кўьарилиб кетгач аъробий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб қичқирди:
-   Отимни харид қилсанг – қил, йўқса сотиб юбораман!
Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у етиб келгунча тўхтаб турдилар.
-   Мен сендан сотиб олмадимми? – дедилар.
-   Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен уни сенга сотмадим! – деди аъробий.
-   Йўқ, мени уни сендан сотиб олдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийни қуршаб олдилар.
-   Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди аъробий.
Мусулмонлар:
-   Ҳой, шўринг қурғур! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдан бошқасини гапирмайди! – дейишди.
Охири Хузайма ибн Собит разияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийнинг тортишганини эшитиб қолди. У ҳамон:
-   Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди.
-   Мен гувоҳман сен уни сотганингга! – деди Хузайма.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқин келиб:
-   Нима билан гувоҳлик берасан? – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Мен Сизнинг самовий хабарларингизни тасдиқлаганман. Қандай қилиб айтган сўзларингизни тасдиқламас эканман? – днди Хузайма разияллоҳу анҳу. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенгладилар.
Ложарамки, мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дин ишларидан имон келтирганлар эди, дунё ишларида ростгўйликларини тасдиқлаш яна ҳам авло эди.

ЁМОН ГУМОН КЕЛИБ ҚОЛМАСИН!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Завжалари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо кечаси зиёрат қилгани келдилар. Бир оз суҳбатлашгач қайтиш  учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани турдилар. Онамизнинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.
Ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб:
-   Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.
-   Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – дейишди.
-   Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон(гумон) келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

МЎМИННИНГ ҚАНОАТИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ямандан ўн уч кишилик вакил билан бир йигит ҳам бирга келди. Ўринларидан туриб кетаётганлирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларга нисбатан одатларига кўра уларнинг ҳар бирига совға бердилар. Сўнг уларнинг ҳаммалари совға олганларига ишонч ҳосил қилиш учун:
-   Сизлардан яна бирор киши қолдими? – деб сўрадилар.
-   Бир йигит бор эди – орамизда ёшроғимиз, юкларимизга қараб тургани қўйиб кирдик, – дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳам совғасини олиши учун чақиртирдилар. У кириб сўз бошлади:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг ҳожатим шерикларимнинг ҳожати каби эмас, агарчи улар ҳам Исломга рағбат қилган бўлсалар ҳам. Аллоҳга қасамки, Сиз Аллоҳдан мени мағфират қилишини, менга марҳамат қилишини ва бойликни қалбимга беришини сўрашингиз истабгина йўлга чиққанман.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганидек дуо қилдилар. Сўнг совғани бердилар. Ҳаммалари Яман томонга отланиб йўлга тушдилар.
Ўнинчи санада Минога улардан бир жамоат келиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳалиги йигитни сўрадилар. Улар айтдилар:
-   Аллоҳга қасамки, унга ўхшашини кўрмаганмиз! Аллоҳ берган ризқига ўша йигитдек қаноат қилган одамни эшитмаганмиз. Агар унинг атрофида одамлар бутун дунёни тақсимлам турган бўлса ҳам улар сари назар ташлаб ҳам қўймайди, унга илтифот ҳам қилмайди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлиб кетдалар ва:
-   Алҳамду лиллоҳ. Мен бира тўла вафот этишидан умидим бор – дедилар. Улардан бири сўради:
-   Инсон бира тўла вафот этмайдими?
-   Дунё водийларида (инсоннинг) ҳаво(кўнгил хоҳишлари) ва ташвишлари тарқалиб кетади. Этимол унинг ажали ўша қодийларнинг бирида етиб келар. Уларнинг қайсисида ҳалок бўлса ҳам Аллоҳ Азза ва Жалла эътибор бермайди.


ХАБАРГА ИСБОТ КЕРАК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Ҳорис ибн Зирор Хузоийнинг олдига ўзи ва қавмининг закотиги тўплашда итоат қилиш учун юборди. Валид йўлга чиқди. Лекин йўлнинг хатарларидан қўрқиб, қайтиб келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Ҳорис ибн Зирор закотни бермади. Қўполлик қилиб ҳайдаб юборди, – деди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис Исломга янги кирганлигидан яна аввалги ҳолатига қайтдимикин деган фикрга бордилар. Ҳорис эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган аҳдидан қайтмаган эди. Яъни закотларни тўплаб, Пайғамбардан вакил келиб тўпланган закотларни олиб кетшини кутиб турган эди. Бироқ ҳадеганда вакил келмаганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигимга ва закотни тўплашга берган аҳдимда шубҳа қилиб қолдимикин деган ҳаёлда шошилиб қавмидан бир неча нафарини олиб, тўпланган закотларни туяга юклаб Мадинага – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурлирига йўлга чиққан эди.
Йўлда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юборган вакилларга йўлиқиб қолди. Улар нима бўлганини аниқлаш учун келишаётганларини айтишди. Агар Валид айтган сўзлар ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса, булар билан урушгани келишаётганлирини билдиришди.
Ҳорис ҳайрон бўлди. Валид у ёқларга умуман бормаганлиги, у ҳақда ҳеч нарсадан хабари йўқлиги ва вакил шошқалоқлик қилганлигига, ўзи ҳам, унинг яқинлари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳдларида соит эканлигига қасам ичди. Кейин ҳаммалари биргалашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишса, Валид ҳам шу жойда экан. Валид яна аввалги гапларини қайтарди. Ҳорис ҳам вакилларга нимани айтган бўлса шуни қайта сўзлаб берди. Шундаат унинг ҳақида оят нозил қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот, 6)
Шу билан унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида диний мақомати собит бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ишнч ва эътиқоди тасдиқланди. Валиднинг эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган баҳонаси ёлғонлиги, Ҳорисга йўлиқмаганлиги фош бўлди.


ОЖИЗЛАРГА ЁРДАМ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бозорга кирдилар. Абу Жаҳл бир киши билан туяни арзимаган нархда савдолашиб турган эди. Атрофдаги одамларнинг биронтаси ҳам Абу Жаҳлдан ҳайиққанлигидан баландроқ нарх айтишга журъат қилиша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб нархни кўтариб сўрадилар. Абу Жаҳл ҳам нархни кўтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ҳам юқорироқ нархда сўрадилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча нархни қўшса Абу Жаҳл ҳам шунча қўшаверди. Бу ҳолат анча давом этди. Охири туянинг нархи жуда ҳам ошиб кетди. Охири Абу Жаҳл нархни кўтара олмй қолди. Туяни сотиб ололмай, шарманда бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяни жуда ҳам юқори баҳода сотиб олиб, эгасига ҳақини бердилар.


МУҲАММАД САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ МЕРОСЛАРИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Мадина бозорининг ёнидан ўтаётиб тўхтади ва:
-   Ҳой бозор аҳли! Нега қараб турибсизлар?
-   Нима гап, эй Абу Ҳурайра? – дейишди одамлар.
-   Масжидда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари тақсим қилиняпти. Сизлар эса бу ердасизлар! Бориб ўз тегишиларингизни олмайсизми?
Одамлар шошилиб чиқиб кетишди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу токи улар яна қайтиб келгунларига қадар жойларидан жилмай турдилар. Сўнг:
-   Нима бўлди? – деб сўради.
-   Эй Абу Ҳурайра, масжидга бордик. Кириб қарасак тақсимланадиган ҳеч нарсани кўрмадик-ку? – дейишди бозорчилар.
-   Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми? – сўради Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
-   Кўрдик. Одамлар баъзилари намоз ўкимоқда, баъзилари Қурон қироат қиляпти, яна бошқалари ҳалол ва ҳаромни зикр қилишмоқда, – дейишди.
-   Ҳолингизга вой бўлсин! Ўша-да – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари! – деди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.

ҲАЗРАТ УМАР ВА ПАТРИАРХ
Мусулмон лашкари Байтул Мақдисни қамал қилиб олишганларида танг ҳолатда қолган Байтул Мақдис аҳолиси Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ўзи волийлик қилишини шарт қилиб сулҳ тузишни талаб қилдилар. Патриарх Сафрония шаҳар калъасининг тепасига чиқиб, қамал қилгувчиларга қараб:
-   Биз сизларга таслим бўлишни хоҳлаймиз. Фақат бир шартимиз бор – сизларнинг раҳбарларингиз ўзи келсин, – деди.
Лашкарбошини рўпара қилишган эди:
- Йўқ! Биз сизларнинг энг катта раҳбарларингиз – мўъминларнинг амири келишини истаймиз! -  деди.
Шунда лашкарбоши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат ёзди:
“Одамлар шаҳарни топширмоқчи бўлишяпти. Аммо улар бу иш шахсан сизнинг қўлингиз билан бўлишини шарт қўйишмоқда”.
Умар бир дона улов ва бир қул билан Байтил Мақдис томон йўлга чиқди. Шаҳар ташқарисига келиб қолганда қулга:
- Биз – икки кишимиз. Улов эса битта. Мен миниб олиб сен пиёда юрсанг сенга зулм қилган бўламан. Сен миниб олиб мен пиёда юрсам сен менга зулм қилган бўласан. Иккаламиз ҳам миниб олсак туянинг белини синдириб қўйишимиз мумкин. Энди йўлни учга бўламиз, - деди.
Умар разияллоҳу анҳу бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, қул ҳам бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, яна бир манзил туяга ҳеч ким минмасдан борадиган бўлдилар.
Шундай қилиб шаҳардан чиқиб ўзи, қул ва туя ўрталарида йўлни учга тақсим қилдилар. Қуддус яқинидаги тоққа етиб манзилга яқин қолганида Умар разияллоҳу анҳунниг туяга миниш навбати тугаб қолди. Туянинг тепасида туриб такбир айтди. Сўнг қулга:
-    Энди сенинг навбатинг келди. Туяга мин! – дедилар.  Қул:
-   Эй мўъминларнинг амири. Шаҳарга келиб қолдик. Зинҳор туядан тушманг, мен ҳам асло минмагайман! Биз шундай шаҳарга яқин келиб қолдикки, бу шаҳарда маданият ва тараққиёт ривожланган. Бу ерда яхши эгарланган зотдор отлар ва олтин аробалар бор. Агар биз шу ҳолатда – мен туяга миниб мўминларнинг амири унинг тизгинидан етаклаб кириб борсак ерлик аҳолининг фикри ўзгариб, устимиздан кулишлари мумкин. Бу эса бизнинг нусратимизга салбий таъсир қилиши мумкин, - деди.
-   Йўқ! – деди Умар разияллоҳу анҳу, – Навбат сеники. Агар менинг навбатим бўлганида эди, мен тушмаган, сен минмаган бўлур эдинг. Аммо навбат сенга келди. Аллоҳга қасамки, албатта тушаман ва сен миниб оласан!
   Қул туяга минди, Умар разияллоҳу анҳу пастга тушиб туянинг тизгинидан етаклаб олди. Шаҳар қалъасига етиб келганларида Димашқ номли дарвозанинг ташқарисида Патриарх Сафрония бошчилигида насоролар уларни кутиб олгани пешвоз чиқишди.  Мўминларнинг амири тушовни етаклаб, унинг ғуломи туяга миниб келаётганини кўрганларидан Умар разияллоҳу анҳуни улғлуб сажда қилгани бош қўйишган эди, ғулом туяда ўтирган кўйи қўлидаги асони силкитиб қичқирди:
-   Тўхтанг! Бошларингизни кўтаринг! Аллоҳдан бошқага сажда қилиш асло мумкин эмас!
Бошларини кўтаришган замон Патриарх Сафрония дод солиб йиғлаб юборди. Умар разияллоҳу анҳу унинг фикри тиниқлигига таъсирланганидан шодланиб яқин борди. Патриарх Сафрония:
-   Менинг йиғлашимнинг сабаби – аниқ билдимки, Сизнинг давлатингиз боқий бўлғуси! Тарқоқ ҳам бўлмас, бўлиниб ҳам кетмас!


ИСЛОМИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Умар разияллоҳу анҳу Қуддусга киргач шаҳар аҳлига омонлик хатини ёзиб берди. Сўнг ҳозирги кунгача Ҳазрат Умар масжиди деб номланадиган масжид ўрнида намоз ўқиди. Бу кун тарих зарварақларига Умар разияллоҳу анҳу учун, Ислом учун абадий қайд қилиб қўйилди.
Ўша куни патиарх Сафрония Умар разияллоҳу анҳуга канисани кўриб чиқишни таклиф қилган ва мўминларнинг амири бунга рози бўлган эди. Иттифоқо, улар канисадалик чоғларида намоз вақти бўлиб қолди. Ҳазрат Умар патриархга илтифот қилиб:
-   Намозни қаерда ўқиб олсам бўлади? – деди.
-   Мана шу турган жойингизда ўқийверинг, – деди Сафрония.
-   Агар Умар канисада намоз ўқиса, ундан кейин мусулмонлар келиб “Шу жойда Умар намоз ўқиган” деб ўша жойда масжид барпо қиладилар – деди Умар разияллоҳу анҳу ва атрофини тозалаб, абоси(чопони)ни ёзиб, намозини ўқиди.
У зотдан сўнг мусулмонлар ўша жойга келишиб, намоз ўқиган жойида масжид барпо қилишди. Ва у бугунги кунга қадар “Қиёмат канисаси” (Европада аталиши бўйича“Чўқинтириш черкови”) билан ёнма-ён туради.


АҲДГА ВАФО ИМОНДАНДУР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир кампир кириб келди.
-   Сен кимсан? – сўрадилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳиссона ал-Музайянаман, – жавоб берди кампир.
-   Сен Ҳиссонамисан? Қандоқсизлар? Аҳволларингиз қандай? Биздан кейин қандай бўлдиларингиз? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, Эй Аллоҳнинг расули! Яхши, – жавоб берди кампир.
Кампир чиқиб кетганидан сўнг Оиша разияллоҳу анҳо:
-   Бу кампирга нега бунча илтифот кўрсатдингиз? Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   У Хадича (ҳаёт бўлган) вақтларида бизга келиб турар эди. Аҳд гўзаллиги имондандур.


ЙЎЛ БЎЛСИН, АБУ УМАЙЯНИНГ ҚИЗИ?
Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилганида туясини сафарга ҳозирлаб, ўғилчасини бағрига олиб йўлга тушди. У Мадина томон чиқар экан, ёнида ҳеч ким йўқ эди. Йўл асносида Талҳа ибн Абу Талҳанинг Усмон исмли ўғлига йўлиқиб қолди.
-   Эй Абу умайянинг қизи, қаёққа? – сўради Усмон.
-   Мадинага, турмуш йўлдошимни истаб кетяпман, – жавоб берди Умму Салама.
-   Биронта ҳамроҳинг борми?
-   Йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва мана бу ўғлимгина ҳамроҳ.
-   Аллоҳга қасамки, сени ёлғиз ташлаб қўймагайман! – деб Усмон туянинг жиловини тутиб Умму Салама билан йўлга тушди.
Умму Салама разияллоҳу анҳо айтадилар: “Аллоҳга қасамки, араблар ичида ундан-да мукаррамроқ кишини учратмадим. Бир манзилга етсак, мен тушиб олишим учун туяни чўккалатар эди. Кейин мен туядан тушиб олгунимча узоқроққа бориб турар, мен тушиб олганимдан сўнг туяни дарахтга боғлар эди. Сўнг мени ҳоли қолдириб, ўзидарахт соясига бориб ёнбошлар эди.
Йўлга тушадиган бўлсак туяни менга ҳозирлаб бериб, яна орқароққа кетар ва “Туяга миниб ол” дер, туяга миниб яхшилаб ўрнашиб олганимдан сўнг келиб туянинг тизгинидан ушлаб етаклаб кетар эди. Шу ҳолатда Мадинага – турмуш йўлдошимнинг олдига етиб бордик”.
Яна айтар эдилар: “Аллоҳга қасамки, Исломда Абу Саламнниг хонадоничалик мусибат кўрган хонадонни билмадим. Усмон ибн Абу Талҳачалик мукаррам ҳамроҳни кўрадим. Ҳолбуки, у ўша ҳамроҳлик пайтида ҳали кофир эди”.
Усмон ибн Абу Талҳа кейинчалик – Ҳудайбия сулҳида мусулмон бўлган эди.


МОХОВ, КАЛ ВА КЎР ҚИССАСИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Бани Исроилдан уч кишини – мохов, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, уларга фариштани жўнатди. У моховнинг олдига келиб:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деди.
-   Чиройли ранг, чиройли тери ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли ранг, чиройли тери ато қилинди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Туя, – деди.
Унга ўн ойлик бўғоз туя бериб:
-   Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин калнинг олдига келиб:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
-   Чиройли сочлар ва одамлар мендан жирканадиган нарса кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли соч ато қилинди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Қорамол, – деди.
Унга бўғоз сигир берди ва:
-   Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин кўрнинг олдига борди ва:
-   Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
-   Аллоҳ менга кўриш қобилиятимни бериши, – деди.
Фаришта уни силади, Аллоҳ унга кўриш қобилиятини берди. Сўнг сўради:
-   Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
-   Қўй, – деди.
Унга бўғоз қўй берди ва дуо қилди.
Туя, қорамол ва қўйлар кўпайиб кетди. Биринчисининг бир водий туяси бўлди. Иккинчисининг бир водий қорамоли бўлди. Учинчисининг бир водий қўйи бўлди.
Кейин фаришта моховнинг олдига унинг шифо топиши ва бойиб кетишидан аввалги кўриниши ва суратида келди. Унга:
-   Мен мискин кишиман. Сафаримда боримдан ажрадим. Бугунги кунда Аллоҳ ва Ундан сўнг сендан бошқа борар жойим қолмади. Сенга чиройли ранг ва чиройли ҳусн берган Зот ҳақи сўрайман – бир дона туя бер, сафаримни якунлаб олай, – деди.
Мохов унинг сўраган нарсасини беришдан бош тортди. Мискин суратдаги фаришта:
-   Аллоҳга қасамки, мен сени таниётганга ўхшаяпман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва фақир бўлган эмасмисан? Аллоҳ сенга (бу неъматларни) ато қилмадими? – деб сўради.
-   Йўқ. Мен бу молни мерос қилиб олганман, – жавоб қайтарди мохов.
-   Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта.
Сўнг фаришта калнинг олдига унинг суратида бориб унга ҳам шунга ўхшаш гап айтди. У ҳам аввалгига ўхшаб қайтарди.
-   Агар ёлғон гапираётган бўлсанг Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта унга ҳам.
Ундан сўнг кўрнинг олдига унинг сурати ва кўринишида борди ва ундан хайр-эҳсон сўради. Шунда кўр бўлган киши:
-   Эй, бу киши! Мен ҳам кўр бўлган эдим, Аллоҳ кўриш қобилиятимни қайтарди. Камбағал бўлган эдим, Аллоҳ мени бой қилди. Хоҳлаганингча олиб, холаганингча қолдир! Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олган нарсангга ҳеч ҳам чарчамайман! – деди.
Шунда фаришта:
-   Молингни ўзингга олиб қол. Мен уларни ҳам синаган эдим, Аллоҳ сендан рози бўлди. Иккала бирдарларингга эса ғазаб қилди.


КАРАМЛИЛАРНИНГ КАРАМЛИРОҒИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Халқнинг ҳисобига ким эгалик қилади? – деб сўради.
-   Аллоҳ азза ва жалла, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Бир Ўзими? – сўради аъробий.
-   Ҳа, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аъробий табассум қилди.
-   Нега куляпсан, эй аъробий? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Шубҳасизки, саҳоватли Зот қодир бўлар экан, кечириб юборади-да! – жавоб берди аъробий.
-   Тўғри айтдинг. – Аллоҳ азза ва жалладан ҳам кўра олийжаноброқ саҳоватли зот йўқ. У карамлиларнинг ҳам карамлироғидур! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобга юзланиб: - Аъробий фақиҳ бўлибди – дедилар.



Абдуллоҳ ибн Умму Мактум
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Аббос ибн Абдулмутталибларнинг имон келтиришларига жуда ҳам ҳарис эканликларидан улар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Жанобнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз киши баланд овоз билан:
-   Эй Муҳаммад! Аллоҳ Сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг! – дея хитоб қилиб келиб қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларини кариҳ кўриб юзларини буриб, қовоқларини солиб олдилар ва наригиларга юзландилар. Сўнг суҳбатларини тамомлаб, энди аҳлига қайтмоқчи бўлиб турган эдилар Аллоҳ таоло жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларини тўсдилар ва бошлари хам бўлиб қолди. Шу ҳолатда ушбу оятлар нозил бўлди:
عَبَسَ وَتَوَلَّى * أَن جَاءهُ الْأَعْمَى * وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى *  أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى *
“Афтини буриштирди ва юз ўгирди. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”.
Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қачон ибн Умму Мактумни кўрсалар ридоларини ёзиб: “Хуш келибсиз, Раббим мени итоб қилишга сабабчи бўлган зот!” деб кутиб олардилар.


ТИЛИНГНИ, ҚАЛБИНГНИ ВА КЎЗИНГНИ САҚЛА!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бир ой рўза тутаман, бошқа зиёда қилмайман. Беш маҳал намоз ўқийман, ундан зиёда қилмайман. Молимдан Аллоҳ таоло йўлида садақа ва эҳсоним ҳам йўқ. Мен вафот қилсам қаерда бўламан?
-   Жаннатда, – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Сиз биланми, Эй Аллоҳнинг расули? – сўради у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қидилар ва:
-   Ҳа. Мен билан бўласан. Агар қалбингни икки нарсадан – кин ва ҳасаддан сақласанг, тилингни икки нарсадан – ғийбат ва ёлғондан сақласанг, кўзингни икки нарсадан – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ва мусулмонни пойлашдан сақласанг ўша икки хотиржамлик ила мен билан жаннатга кирасан, – дедилар.


ЭРИГА ЯХШИ ХОТИН БЎЛИШИЛИК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби билан ўтирган эдилар Асмо бинту Язид исмли ансория аёл келиб қолди ва сўз бошлади:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ота онам Сизга фидо бўлсин. Мен аёлларнинг Сизга вакилиман. Шубҳасизки, Аллоҳ азза ва жалла Сизни бира тўла эркакларга ҳам хотинларга ҳам жўнатган. Сизга ва Аллоҳга имон келтирдик. Бизлар чегараланган ва чекланган, уйларингизда ўиргувчи, шаҳватларингизни қондиргувчи ва фарзандларингизни кўтаргувчи аёллар жамоасимиз. Сизлар эса эркаклар жамоасисиз. Бизлардан жам ва жамоатда, касалларни зиёрат қилишда, жанозаларга қатнашишда, ҳаждан сўнг яна ҳаж қилишда афзал бўлдингиз. Қачон эркаклар ҳаж ёка умрага чиқсалар молларингизни муҳофаза қиламиз, кийимларингизни тикиб берамиз, фарзандларингизни тарбиялаймиз. Шундоқ экан, биз ҳам сизларга ўша савобларда шерик бўлмаймизми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобига юзларини буриб ўгирилиб қарадилар ва сўрадилар:
-   Динининг ишларида шу бўйича чиройли савол берган аёлни эшитдиларингизми?
-   Эй Аллоҳнинг расули! Хотин киши бунча нарсага эришади деб ўйламадик, – жавоб бердилар асҳоб.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлга юзландилар ва жавоб бердилар:
-   Эй аёл, фаҳлаб ва билиб ол! (Сен ва) ортингдаги аёллар! Хотин кишининг эрига чиройли рафиқа бўлиши, унинг розилигини исташлиги, мувофиқотларига эргашишлиги ўшаларнинг ҳаммасига тенг бўлади.
Аёл шод бўлиб чиқиб кетди.

СЕН УНИ ТАНИМАС ЭКАНСАН

Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир киши келиб бир кишини мақтади.
-   Сен унинг кириш-чиқишини яхши биладиган яқин қўшнисимисан? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Сен унинг гўзал ахлоқига далолат қилувчи сафарида ҳамроҳи бўлганмисан?
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Кишининг тақвосини кўрсатгувчи динор ва дирҳамларининг муомаласидамисан?
-   Йўқ, – деди у киши.
-   Ўйлашимча сен унинг масжидда овозини баланд қилиб, бошини гоҳ тушириб, гоҳ кўтариб Қурон ўқиб турганини кўрган бўлсанг керак? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, – деди у.
-   Бор, сен танимас экансан уни, – деди ҳазрат Умар. Сўнг нариги кишига юзланди: - Бор, сени танийдиган кишини топиб кел.


Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Рабиъа Асламий ўрталарида гап ўтиб қолиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ёмонроқ сўз айтиб юборди. Кейин надомат қилиб:
-   Эй Рабиъа, айтган сўзимни ўзимга қайтариб айт, токи қасос бўлсин! – деди.
-   Ундай қилмайман! – деди Рабиъа.
-   Ё айтасан, ё эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳимоя сўрайман! – деди саййидимиз.
-   Барибир айтмайман! – қайтарди яна.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. Ортидан Рабиъа ҳам йўлга тушди. Бир неча мусулмонлар келиб айтишди:
-   Аллоҳ Абу Бакрга раҳм қилсин! У сенга нима деса деб бўлди.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тарафини олармиди?!
-   Биласизларми, бу ким? Бу – Абу Бакр Сиддиқ! У ғордаги икки кишининг бири. У киши мусулмонларнинг муҳтарами. Сизлар менга илтифот қилманглар. У менинг тарафимни олаётганларингизни кўриб қолиб ғазаби чиқса ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борса, ул зот ҳам унинг ғазаби учун ғазабланса, уларнинг ғазаблари учун Аллоҳ азза ва жалла ҳам ғазаб қилса Рабиъа ҳалок бўлади! – жавоб берди Рабиъа.
-   Унда нимага буюрасан?
-   Қайтинглар.
Абу Бакр йўлга тушди. Ортидан Рабиъа ўзи ёлғиз борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бўлган гапни айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларини кўтариб:
-   Эй Рабиъа, сенга нима бўлди? (Бу) Сиддиқ бўлса? – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Шундоқ-шундоқ бўлди. Менга ўзим ёқтирмаган сўзни айтиб, “Мен сенга қандай айтган бўлсам, сен ҳам айт, токи қасос бўлсин” деди. Мен унамадим – деди у.
-   Тўғри қилибсан. Унга қайтарма! Лекин “Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин” деб айт, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, – деди у.
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу йиғлаганча ортига қайтиб кетди.


ҲАРОМ МОЛ ЕГАННИНГ ЖАЗОСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Абу Нофеъ ривоят қилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиганларидан сўнг Авс ансорларидан бану Ашҳалга бориб улар билн суҳбатлашар ва яна шомгача қайтиб келишга шошилар эдилар. Иттифоқо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб масжидга яқинлашиб қолганларида, Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъга етганларида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.”
Абу Нофеъ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу сўзларни эшитишга тоқат қила олмади.
“Мен секинроқ юриб орқароқда қолдим, - дейди Абу Рофиъ, - Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – деб қолдилар.
-   Бирор нарса рўй бердими Эй Аллоҳнинг расули? – десам:
-   Нега ундай (деяпсан)? – деб сўрадилар.
-   Менга “туф!” дедингиз-ку?
-   Йўқ. Лекин  бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзи учун жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг мислича олов сипқормоқда, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


САЪЛАБА ИБН ҲОТИБ
Саълаба ибн Ҳотиб ал-Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида доимо масжидда бўлганлигидан “масжиднинг каптари” деб ном олган эди. У дунё тиркчилигидан танг аҳволда қолди. Ризқи торлиги уни мағлуб қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ризқини кенг қилиб беришлигини сўраб беришликни илтимос қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб қилдилар:
-   Шўринг қурғур, эй Саълаба! Сен шукр қиладиган оз нарса тоқатинг етмайдиган кўпдан яхшироқдур.
У эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди ва агар Аллоҳ унга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо қилишликни бўйнига олишга аҳд қилганини изҳор қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло дуони ижобат қилди. Саълабанинг мол-дунёси кўпайди. Масидга бир маҳал келса, бир маҳал келмайдиган бўлиб қолди. Мол-дунёси кўпайиб, шаҳар унга торлик қилиб қолди. Намозни тарк этди. Унинг бойлиги Раббисини эслашни ҳам унутдириб қўйди.
Қурони каримда закот фарзлиги ҳақида оят нозил бўлди:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“Уларнинг молларидан садақани ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир”. (Тавба. 103)
Саълабанинг мол-дунёсига йил тўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг молидан Аллоҳнинг ҳақини талаб қилиб вакил юбордилар. Элчи Саълабанинг ёнига келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг топшириғини етказганда Саълабага дунё тор кўриниб кетди.
-   Бу жизя-ку! – деб аҳдини унутди. Ваъдасига хилоф қилди.
Қуронда Саълаба Маҳшаргача мунофиқлар қаторида бўлишлиги ҳақида оят нозил бўлди:
 وَمِنْهُم مَّنْ عَاهَدَ اللّهَ لَئِنْ آتَانَا مِن فَضْلِهِ لَنَصَّدَّقَنَّ وَلَنَكُونَنَّ مِنَ الصَّالِحِينَ * فَلَمَّا آتَاهُم مِّن فَضْلِهِ بَخِلُواْ بِهِ وَتَوَلَّواْ وَّهُم مُّعْرِضُونَ * فَأَعْقَبَهُمْ نِفَاقاً فِي قُلُوبِهِمْ إِلَى يَوْمِ يَلْقَوْنَهُ بِمَا أَخْلَفُواْ اللّهَ مَا وَعَدُوهُ وَبِمَا كَانُواْ يَكْذِبُونَ
“Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор. У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар. Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди” (Тавба. 75 – 77)


ИСЛОМИЙ АДОЛАТ ВА ОЛИЙЖАНОБЛИК
Сайфуллоҳ – Холид ибн Валид қўмондонлик даврида Химс фатҳ қилинди. У жойга адолат ва инсоф ила ҳукм қилувчи волийлар тайинланди. Химслик насронийлардан адолат билан жизялар олинди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Химсда қолган волийга Рум лашкари жамланиб, нсронийларни мусулмонларнинг қўлидан озод қилиш учун Химс томон юриш бошлаганларининг хабари келиб қолди. Ҳарбий қўмондон кенгаш ўтказди. Душман лашкари мусулмонларга нисбатан жуда ҳам катта миқдорда ортиқлигини ҳисобга олиб, хатарда қолмаслик учун кўпчиликнинг фикри ва таклифи билан чекиниб туришликка қарор қилинди.
Қўмондон насронийларнинг катталарини чақиртирди ва уларга шундай деди:
-   Биз кечагина жонларингизни муҳофаза қилиш, молларингизни асраш ва осойишталигингизни сақлаш учун сизлардан жизя олган эдик. Энди эса кутилмаганда душман лашкари биз томон бостириб келмоқда. Улар билан жанг қилишга бизнинг имконимиз йўқлигидан чекинишга азм қилдик. Шунинг учун сизларнинг  тўлаган жизяларингизни қайтариб бермоқчимиз.
Химс насронийлари жавоб беришди:
-   Эй қўмондон! Биз ўтган қисқа вақт мобайнида сизларнинг олийжаноблигингиз ва адолатингизни кўрдик. Румнинг эса, илгари кўп жабру жафолари ва зулмларини кўрганмиз. Сизларнинг адолат ва олийжаноблигингиз бизлар учун Румнинг жабри ва зулмидан кўра яхшироқдур. Эй қўмондон! Сени сабр қилиш ва улар билан жанг қилишга чақирамиз. Биз сизлар билан елкма-елка бўлиб бор қувватимиз билан душманга қарши жанг қиламиз! Тирик қолсак мусулмонларнинг адолати соясида қоламиз. Ўлсак Раббимизга қайтажакмиз!
Шундай қилиб исломий адолат ва олийжаноблик шарофати ўлароқ Химс насронийлари мусулмонлар билан бирга Румларга қарши жангга киришди.


ЗАРАРКУНАНДА
Ансорийлардан бирининг ҳовлисида бошқа одамнинг хурмоси бор эди. Хурмо унга жуда кўп халақит берар ва ундан ўз ҳовлисида анча зарар кўрар эди. Хурмонинг эгасидан уни сотишликни сўради, кўнмади. Кўчириб олишликни ёки ўрнига бошқа хурмони алмаштиришликни сўради, кўнмади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб ҳолатни айтиб берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмонинг эгасидан хурмони сотишни талаб қилдилар, кўнмади. Кўчиришни талаб қилдилар, кўнмади.
-   Ундай бўлса бунга совға қил, сенга шундай-шундай нарсалар бўлади, – дедилар. (Чамаси, жаннатдаги маконлардан бўлса керак. Валлоҳу аълам) Унга ҳам кўнмади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: - Сен зараркунанда экансан! – дедилар-да, ансорийга ўша хурмони кесиб юборишни буюрдилар.


ТОРТИШУВНИ БАС ҚИЛИНГ!
Улуғ саҳобийлардан бири айтади:
“Бизлар дин ишлари ҳақида тортишиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар. Бизларни кўриб шундай қаттиқ ғазабландиларки, ҳеч ҳам бунчалик ғазабланмаган эдилар. Сўнг бизларни тўхтатдилар-да, насиҳат қилдилар:
-   Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммати! Сизлар шу нарсага буюрилганмисизлар?! Сизлардан аввалгилар ҳудди шунга ўхшаш нарса билан ҳалок бўлган эди. Тортишувни бас қилинглар, унда билим кам ҳосил бўлади. Тортишувни бас қилинглар, чунки киши (тортишганда бирибир) тан олмайди. Тортишувни бас қилинглар, чунки тортишгувчи бутунлай мағлуб бўлғусидур. Тортишувни бас қилинглар, тортишув, давомийлигидан гуноҳликка кифоя қилади. Тортишувни бас қилинглар, чунки мен тортишгувчини қиёмат кунида шафоат қилмайман. Тортишувни бас қилинглар, чунки менга Раббим бутларга ибодат қилишдан кейин энг аввалги қайтарган нарсаси тортишувдур! Инсонларнинг ичида Аллоҳ энг ёмон кўргани ашаддий тортишгувчидур!”


МЕҲНАТДА БАРАКА БОР
Али ибн Абу Толиб саҳар тонгда бола-чақасига егулик топиш учун иш истаб чиқди. Лой қориш учун қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келди. Ишни маъқул кўриб, бир пақир сувга бир донадан хурмога келишиб, ишга рози бўлди.
Натижада йигирма дона хурмога яраша ишлади. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.
-   Бу – хурмо. Лайф арқонда қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, эвазига топган хизмат ҳақим, – деди ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини силаб уқалаб қўйдилар.  Сўнг юзини сийпалаб туриб:
-   Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – дедилар ва яна: - Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.


МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИ
Мурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус эди. Қўриқчи унга айтди:
-   Мен сени қўйиб юбормоқчиман. Агар ҳар хафтада бир маротаба уйингга бориб келишингга рухсат берсам, қамоқхонага қайтиб келасанми?
-   Ҳа, – деди у.
Шундай қилиб ҳар хафта бир марта уйига бориб келар эди.
Хаворижлардан баъзилари ўлимга маҳкум бўлишди. Миршаб ибн Зиёд билан маслаҳатлашди. Ибн Зиёд қамоқдаги хаворижларнинг ҳаммасини ўлдиришга буюрди. Бу пайтда Мурдос қамоқдан ташқарида эди. Уй аҳли:
-   Жонингни эҳтиёт қил. Агар қамоқхонага борсанг сени ўлдиришади, – дейишди.
-   Мен Аллоҳга хиёнатчи ҳолатимдан рўбарў келишни хоҳламайман! Зиёднинг ўғли золим киши, қўриқчини ўлдириб қўяди, – деб қамоқхонага қайтиб борди. Қўриқчига айтди:
-   Сенга бирор озор етмасин деб қайтиб келдим. Ҳўжайининг бизнинг шерикларимизни нима қилишга азм қилган бўлса, мени ўша жойга олиб туш!
-   Хоҳлаган жойингга кетавер! Аллоҳ сенга нажот берди, – жавоб берди қўриқчи.


Сен ўзинг оиланг билан е!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келди ва:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалок бўлдим ва ҳалок қилдим! – деди.
-   Сени нима ҳалок қилди? Сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Рамазонда, рўза ҳолимда аёлимга воқеъ бўлиб қолдим.
-   Қул озод қил, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Имконим етмайди.
-   Икки ой пайдар-пай рўза тут.
-   У нарсага тоқатим етмайди.
-   Олтмиш мискинга таом бер.
-   Менда таом бериш учун молим йўқ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир замбарда ўттиз соъ хурмо олиб келдилар ва:
-   Мана буни садақа қил, – дедилар.
-   Аллоҳга қасамки, Эй Аллоҳнинг расули! Бу нарсага икки Лоба (Мадинаи мунавварани атрофидаги тошлоқ жойлар) орасида мендан кўра муҳтожроқ киши топилмайди, – деди аъробий.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишларигача кўринди. Сўнг анга айтди:
-   Сен ўзинг оиланг билан е!


ҲОТАМТОЙНИНГ ХУЛҚИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам давриларида Тай қабиласининг ғазоти тамомига етди. Асирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келинди. Уларнинг орасидан бир аёл ўрнидан туриб сўз бошлади:
-   Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хўп десангиз арабларга мени кулгу қилмай ўз йўлимга жўнатиб юборсангиз. Шундай қиларсиз деб умид қиламан. – Сўнг илтимоси қабул бўлиши учун ўз шаънини эслатиб қўйди: - Менинг отам очларни тўйдирар, мазлумларни озод қилар, муҳтожларга ёрдам берар, ҳожатмандларнинг талабини асло қайтармас эди. Мен Ҳотам Тай (Той)нинг қизиман.
-   Эй қизгина! Дарҳақиқат, отангнинг ахлоқи исломий ахлоқ эди. Отанг мусулмон бўлганда эди, биз унга раҳмат сўраган бўлур эдик, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобига юзландилар: - арқонни бўшатинглар. Қўйиб юборинглар. Унинг отаси ахлоқларнинг мукаррамини яхши кўрар эди.


ТЎҒРИ СЎЗ СОВЧИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззини Билол ҳабаший (разияллоҳу анҳу) укасига Қурайш аёлларидан бирининг қўлини сўраб борди. Уларга шундай деди:
-   Бизларни яхши танийсизлар. Қул эдик, Аллоҳ таоло бизларни озод қилди. Залолатда эдик, Аллоҳ таоло бизларни ҳидоят қилди. Камбағал эдик, Аллоҳ таоло бизларни бой қилди. Мен сизлардан қизларингизни укамга сўраб келдим. Берсаларингиз – Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Бермасаларингиз – Аллоҳу акбар!
Улар ўзаро маслаҳатлашишди. “Билолнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигини, ҳамроҳликарини ва мақомини ҳам яхши биласизлар” деб қизларини беришга рози бўлдилар.
Улар қайтар экан укаси сўради:
-   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигимиз ва бирга доимий ҳамроҳлигимизни айтиб, бошқасини айтмай қўяверсангиз бўлмасмиди?
-   Мен ҳақ сўзни айтдим ва сенга ҳақ никоҳни раво кўрдим! – жавоб берди Билол разияллоҳу анҳу.


ТЎҒРИ СЎЗЛИК
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий хутбани чўзиб юборди. Шунда намозни ўз вақтида адо қилишга ҳарис бўлган бир киши ўрнидан туриб:
-   Ҳой намознинг амири! Вақт сенга қараб турмайди. Тангри узр қилмайди! – деди.
Ҳажжож уни ҳибс қилишликка буюрди. Унинг қавми Ҳажжожнинг олдига келишди. Уни мажнун дея қўйиб юборишини сўрашди.
-   Ҳақиқатан ҳам мажнунлигига иқрор бўлса, қўйиб юбораман, – деди Ҳажжож. Ундан сўрашган эди:
-   Аллоҳ сақласин! Аллоҳ таоло менга бундай бало берган деб ўйламайман. Мени мажнунликдан сақлаган, – деб жавоб берди.
Ҳажжожга шундай деб айтишган эди, ундаги тўғри сўзлик фазилатини ҳурматидан қўйиб юборди.


АДОЛАТЛИ ҲАКАМ
Оиша разияллоҳу анҳо айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан менинг ўртамизда гап ўтиб қолди.
-   Ўртамизга кимнинг ҳакам бўлишига рози бўласан? Абу Убайда ибн Жарроҳга рози бўласанми? – дедилар.
-   Йўқ. У кўнгли бўш одам. Сизнинг фойдангизга ҳукм қилиб қўяди, – дедим.
-   Отангга рози бўласанми?
-   Ҳа, – дедим.
Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Сен айтиб бер, – дедилар.
-   Ўзингиз айтинг, – дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу (Оиша) – шундай-шундай” дедилар.
-   Тўғри гапиринг! – дедим. Абу Бакр қўлини кўтариб менга тарсаки туширди.
-   Ҳой Умму Руммоннинг қизи! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга “Тўғри гапиринг” дейсанми?! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламки, тўғри гапирмаса, унда яна ким тўғри гапирур?!
Оғзимдан қон оқиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртамизга тушдилар ва Абу Бакрга:
-   Биз сендан буни истамаган эдик! – дедилар. Кейин кийимимга оққан қонларни ювар экан: – Қара, сени у кишидан қандай сақлаб қолдим, – дедилар.


КЕЧИРИМЛИЛИК – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ
Имом Ҳусайн разияллоҳу анҳу билан ота бир укаси Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўртасида бир оз қўполлик содир бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя акасига хат ёзди:
“Ассалому алайкум. Сенинг отанг ҳам, менинг отам ҳам Али ибн Абу Толиб. Демак бу томондан мен Сиздан афзал бўла олмайман, Сиз ҳам мендан афзал бўла олмайсиз. Аммо менинг онам Бани Ҳанифадан бўлган бир аёл, Сизнинг онангиз эса – Фотимайи Заҳро! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, менинг ер юзи тўла онам бўлса ҳам Сизнинг онангизга тенг бўла олмайди. Менинг хитобим Сизга етиб бориши биланоқ мени рози қилиш учун етиб келинг. Чунки Сиз фазл соҳиби, бинобарин шундай олийжанобликка лойиқ ва муносибсиз”.
Имом Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг хатини ўқиб, қаттиқ таъсирланди. Унга нисбатан бўлган фикри яхшиликка ўзгарди. Бориб укасини рози қилди. Ўзига муносиб бўлган олийжанобликни адо қилди.


ЎЗИНГГА РАВО КЎРМАГАННИ БОШҚАЛАРГА РАВО КЎРМА
Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Ёш йигит келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менга зино қилишликка рухсат беринг, – деди. Одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
-   Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келиб рўпарасига ўтирди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?
-   Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
-   (Бошқалар ҳам) оналарига ўша ишни раво кўрмаслар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
-   Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. синглингга шу ишни раво кўрасанми?
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаси, холасини сўради. Йигит ҳар сафар “Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин!” дер эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмасилар” дер эдилар.
Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб: “Эй Аллоҳ! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!” деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.


УМАР ИБН АБДУЛАЗИЗНИНГ ОДОБИ
Халифа Умар ибн Абдулазиз одатига кўра раъиятнинг ҳолини билиш учун ёнида миршаб билан айланиб чиқди. Масжидга кирди. Қоронғуда ухлаб ётган одамнинг олдидан ўтаётиб унга қоқилиб кетди. Киши бошни кўтариб:
-   Нима, жиннимисан? – деди.
-   Йўқ, – жавоб берди халифа.
   Миршаб уни калтакламоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлаган эди, халифа уни тўхтатди:
-   Ундай қилма. У бор-йўғи мени “жиннимисан?” деб сўради, мен “йўқ” деб жавоб бердим, холос.


Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкди ва ҳажв қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилдилар.
Лекин у яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш ва ҳажв қилишда давом этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У яна йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан афв қилишини сўраб ёлборди. Аммо бу сафар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
-   Аллоҳга қасамки, Макканинг кўчаларида “Мен Муҳаммаднинг устидан икки марта кулдим!” деб юришингга йўл қўймайман! Ўлдиринглар уни! Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!


2014 йил 20-апрел, с 6:59. Асака.
Алҳамду лиллоҳ
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  13 May 2015, 13:35:36

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ
لَوْ أَنفَقْتَ مَا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً مَّا أَلَّفَتْ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَـكِنَّ اللّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ
”Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди” (Анфол. 63)
МУҲАББАТ
Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва даражалари амал ва эътиқодларига кўра турли туман бўлади. Мақомларнинг олий ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидур.
Ислом шариатида муҳаббат вожиб дея эътироф этилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса билдириб қўйсин, токи идрокларда қарор топсин, ому-хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати, балки бутун инсониятнинг саодати шундадур.
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар” дедилар.
Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули! Бизга хабар беринг, кимдур улар?”
Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаъатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйишганлардур. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдур. Улар нур узрадулар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар”. Сўнг тиловат қилдилар:

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ *  الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ *   لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир”. (Юнус. 62-64)
Бу ила бизларга ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ ва равшан баён қилиб берадиларки, буюк ва машҳуд кунда – Қиёмат кунида инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ бўлган маконига шошилишади. 
Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақоми ва олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.
Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятидаги маънавиятини кураш ва жанг майдонларида кўтаради. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.
Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ қилур ва одимларини тўғри йўлда собит қилгай. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга буркаб қўюр.
Қуйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва замонларидаги Аллоҳ учун бўлган муҳаббатларни баён қилмоқчимиз.

УСМОН ИБН АФФОННИНГ МУҲАББАТИ
Усмон разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга куёв бўлишлик муҳаббати жуда ҳам юқори эди. Бу буюк риштанинг узилиши жуда ҳам оғир келди. Руқия разияллоҳу анҳо вафот этганидан кейин инсонларнинг энг мукаррами бўлган зотга боғланган ришта узилганидан ғам ва қайғуда қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Нима бўлдики, мен сени қайғуда кўрарман?
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бирор кимсанинг бошига менинг бошимга тушган каби кулфат тушганмикин? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг менинг никоҳимда бўлган қизлари вафот этди. Энди мен суянчиғимдан ажрадим. Сиз билан ўртамиздаги қудачилик риштаси узилди, – жавоб берди Усмон разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўксик кўнглига далда бериб, Руқиянинг синглиси Умму Гулсумни никоҳлаб бердилар. Умми Гулсум вафот этгунча бирга яшадилар.
Усмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйлангаликлари учун “Зун нурайн” (“Икки нур соҳиби”) номини олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳеч бир кимсага икки қизини бермаганлар.

Мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!
Умму Зайд ўғли билан бирга зиёрат учун қавмига – Бани Муъинга бормоқчи бўлиб йўлга чиқди. Йўлда уларни Бани Қайл ибн Жисирдан икки отлиқ ғорат қилди. Унинг ўспирин ўғли Зайд уларнинг қўлига тушиб қолди. Уни Уккоз бозорида Ҳаким ибн Ҳизомга сотиб юборишда. Ҳаким эса уни тўрт юз дирҳамга аммаси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи завжалари Хадича бинту Хувайлидга (разияллоҳу анҳо) сотди.
Зайд ўн саккизга кирганда Хадича разияллоҳу анҳо уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга совға қилдилар.
Зайднинг отаси фарзанд доғида қаттиқ изтиробда қолди. Йўл юриб ким учраса ўғлини сўрар эди. Бани Кулабдан бир неча киши ҳаж қилгани Маккаг келишганида Зайдни кўриб таниб таниб қолишди. Бориб отасига ўғлининг хабарини беришди.
Ота Маккага келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни  сўради. Масжидда эканликларини хабарини эшитиб кириб келди ва сўз бошлади:
-   Эй Абдулмутталибнинг фарзанди! Эй қавмнинг саййидининг фарзанди! Сизлар Ҳарам аҳлисиз. Қулларни озод қилгувчисизлар. Асирларни боққувчисизлар. Сизнинг ҳузурингиздаги фарзандимизни сўраб келдик. Бизга илтифот ва яхшилик қилинг, фидясини адо қилайлик!
-   Ким ўзи у? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Зайд ибн Ҳориса, – жавоб берди.
-   Ундан бошқа эмасми? Чақиринг, ихтиёрига қўйинг. Агар сизларни ихтиёр қилса у фидясиз сизларники. Мени ихтиёр қилса, Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилганга фидя сўрагувчи эмасман – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Зайдни олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Мана буларни танийсанми?
-   Ҳа. Бу – отам. Буниси – амаким, жавоб берди Зайд (разияллоҳу анҳу).
-   Мени ўзинг яхши билган одамман. Сенга бўлган суҳбатимни кўргансан. Ё мени ихтиёр қил, ёки уларни?
-   Мен ҳаргиз Сиздан бошқани ихтиёр қилмагайман. Сиз менга ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз.
-   Эй шўринг қурғур Зайд! Ҳурлик қолиб, отанг, амакинг ва оиланг қолиб қулликни танлайсанми?! – танбеҳ беришди улар. Зайд жавоб берди:
-   Мен бу зотдан шундай нарсалар кўрдимки, энди мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Ҳижр(Каъбанинг шимолий-ғарбий томонидаги жой)га олиб чиқдилар ва эълон қилдилар:
-   Гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдур! У мендан мерос олади, мен ундан мерос олгувчиман.
Отаси бу сўздан рози бўлди ва уйига қайтди. 
Бу воқеа нубувватдан аввал эди. Пайғамбарлик келгач, Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّ
“Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғрироқдир”. (Аҳзоб. 5)
Бунга қадар уни Зайд ибн Муҳаммад дейишар эди, Илоҳий Фармондан сўнг Зайд ибн Ҳориса деб чақирадиган бўлишди.

ЭЙ ҲОРИСА, ЖАННАТ МУБОРАК!
Ҳориса мўминларнинг баркамол йигитларидан эди. Касал бўлб қолди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани бордилар.
-   Эй ҳориса, қандай тонг оттирдинг? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳақиқатан Аллоҳга имонли ҳолда тонг оттирдим, – жавоб берди у.
-   Ҳар бир сўзнинг ҳақиқати бўлур. Имонингнинг ҳақиқати нимадир?
-   Тунимни бедор қилдим. Кундузга ташна бўлдим. Дунё кўзимга арзимас кўринди. Мен учун унинг олтини ҳам, тоши ҳам баробар бўлди. Гўёки Сиротда тутқундек, жаннат аҳли билан неъматлар ародек, дўзах аҳли билан азобланаётгандек, Раббимнинг Аршиси билан рўпарада тургандекман, – деди Ҳорис.
-   Билибсан. Шундай бўл, эй Аллоҳ қалбини имон билан мунаввар қилган банда! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга дуо қилинг, менга Унинг йўлида шаҳид бўлишликни насиб этсин!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар, Ҳориса Бадр жангида шаҳид бўлди (разияллоҳу анҳу). Онаси келди.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Сиз Ҳорисанинг менинг қалбимдаги мақомини билурсиз. Агар у жаннатда бўлса, мен хурсандман! Ундоқ бўлмаса, дод солиб йиғлайман! – деди она.
-   Эй Ҳорисанинг онаси! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - Жаннат бир дона эмас. Яна жаннатлар бор. Шубҳасизки, Ҳориса энг аъло жаннат – Фирдавсдадур!
Она шод бўлиб ортига қайтдар экан йўл-йўлакай шундай дер эди:
-   Баракалла! Баракалла, эй Ҳорис! Жаннат муборак бўлсин!

БУ – РАСУЛУЛЛОҲНИНГ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ТЎШАКЛАРИ!
Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинага келди. Бу пайтда ҳали Исломга кирмаган эди. Қизи – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳонинг ҳужрасига кирди. Энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлган эди, Умму Ҳабиба тўшакни тортиб олди.
-   Эй қизалоғим, тушунмай қолдим. Тўшакни менга раво кўрмадингми ёки мени тўшакка раво кўрмадингми? – сўради Абу Суфён.
-   Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари. Сиз мушрик, нажас кишисиз. Шу тўшакка ўтиришингизни хоҳламадим,  – жавоб берди Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳо.
Биз бу муҳаббатга назар солсак, бу муҳаббат қалбларни маҳв этганини кўрамиз. Қалблар эса, ўз расулининг том маънодаги ҳақиқий инсонийлик сифатлари олдида, бор бисотини, ҳатто ўзини ҳам нисор қилган.

САВБОН РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУҲАББАТИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савбон исмли мавлолари бор эди. Унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари жудда ҳам юқори эди. Кўрмаса сабри тоқат қила олмасди.
Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уинг олдига келсалар ранглари ўзгарган, ўзи озиб кетган, юзларида қайғу аломатлари бор экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг боисини сўрадилар. Савбон айтди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менда ҳеч қандай оғриқ йўқ. Фақат Сизни бир оз фурсат кўрмаганимдан муштоқ бўлиб туриб, охиратни эсладим. Сиз жаннатнинг пайғамбарлар турадиган энг олий даражаларида бўлсангиз, мен Сизни кўра олмасам, тоқатим етмаслигини ўйлаб шундай қаттиқ қўрқиб кетдим.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً
“Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқлардур!” (Нисо. 69)

Сиз омон бўлсангиз мусибат писанд эмас!
Уҳуд жангида бир ансориянинг отаси, акаси ва эри шаҳид бўлдилар. Аёлга бу ҳақда хабар бердилар. Шунда ансория аёл сўради:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга не бўлди?
-   Алҳамдулиллоҳки, у зот омонликда, – дедилар.
-   Кўрсатинглар-чи, мен бир кўрай. – Аёлга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрсатдилар. Шунда аёл қалбининг тубидан ҳайқириб юборди: - Эй Аллоҳнинг расули! Сиз омон бўлсангиз, ҳар қандай мусибат ҳам менга писанд эмас!

САҲОБАЛАРНИНГ МУҲАББАТИ
Зайд ибн Дусаннани Макка аҳли Ҳарамдан чиқариб қатл қилмоқчи бўлишди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб ундан сўради:
-   Эй Зайд, Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, ҳозир сенинг ўрнингга Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) калласини олишимизни ва сен ўз аҳлингга қайтиб кетишингни хоҳлармидинг?
Зайд жавоб берди:
-   Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон тикон озор берадиган жойда бўлса ҳам мен уйимда ўз аҳлим билан ўтиришни хоҳламас эдим!
Абу Суфён айтди: “Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат қўйганичалик бирон кимсанинг муҳаббатини кўрмадим”.

ЭРТАГА ҲАБИБИМГА ЕТИШАМАН!
Билол разияллоҳу анҳу вафот этишга яқин бўлиб қолди. Унинг аҳли айтар эди: “О, қандай мусибат!”
Ўзи эса: “Оҳ, қандай роҳат! Эртага ҳабибим Муҳаббат саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг суҳбатларига етишаман!” дер эди.
Ўлим аччиғи ҳаловатга айланган эди. Бу бир имон ҳаловати эдики, бу ҳақда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган эдилар:
“Кимда уч нарса бўлса имоннинг ҳаловатини топур:
-   Аллоҳ ва Унинг расули унинг учун бошқа ҳаммасидан маҳбуб бўлмоғи;
-   бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрмоғи;
-   куфрга қайтмоқликни гўёки ўтга тушишни ёқтирмагани каби ёқтирмаслиги”.

МУҲАББАТ УЧУН ЯРАЛГАН ҚАЛБЛАР
   Ривоят қилишларича Жаъфар ибн Муҳаммад разияллоҳу анҳу жуда ҳам қувноқ ва ҳазилкаш инсон эди. Бироқ унинг олдида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилиниб қолса, ранглари сарғайиб, тили тутилиб қолар ва кўз ёшлари тугаб қолгунча йиғлар эди.
   Бу – унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатининг юқорилигидан, у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни қалбларнинг қуввати, руҳиятнинг озуқаси, кўзларнинг қувончи, балки бутун ҳаётнинг ўзи деб ҳисоблаганлигидан эди.
   Кимки ушбу улуғ бахтдан мосуво эрса, у ўликлар қаторидадур. Бу муҳаббат чароғон нур эрур, ким уни йўқотса зулумат қаърида қолгай. Бу муҳаббат шифо эрур, ким уни бой берса унинг қалби дардларга мубтало бўлгай.
   Бу ҳолдан ажабланмаса ҳам бўлади, зеро бу гўзал қалблар муҳаббатга лойиқ бўлган зотнинг муҳаббати учунгина яралган бўлса.
   
АЛЛОҲ ВА УНИНГ РАСУЛИГА ФИДОЙИЛИК
    Улуғ саҳобийлардан Мусъаб ибн Умайр диндош биродарларининг ёнига чиқди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида ҳалқа бўлиб ўтирган эдилар. Уни кўришибоқ бошларини эгиб, кўзларини ерга қадаб олишди. Кўзларидан ёшлари оқиб тушди. Эски ямоқ кийим кийим олган, ва ҳолонки илгари фақат янги ва оҳорсиз кийимлар кияр эди.
   У илоҳалардан юз ўгириб, Исломни қабул қилган, онаси диндан қайт деб ҳарчанд мажбурласа ҳам кўнмаган. Охири диндан умидини узган она уни барча ноз-неъматлару, таъминотлардан маҳрум қилиб қўйган эди.
   Шу онда Мусъабга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак нигоҳлари тушди. Табассум қилиб илтифот айладилар:
-   Мен бу Мусъабни кўраётирман. Ҳолбуки, Маккада ота-онасининг қошида бундан-да неъматланганроқ йигит бўлмаган эди. Сўнг Аллоҳга ва Унинг расулига бўлган муҳаббати учун уларнинг ҳаммасини тарк этди.

Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, эй Зайд!
   Бани Мусталиқ ғазотида Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими билан Хазражнинг ҳалифи (иттифоқдоши) сув устида жанжаллашиб қолишди. Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими Хазражнинг ҳалифини урган эди ундан қон оқди. Ҳалиф қичқира бошлади:
-   Ҳой ансорийлар жамоаси!
Ходим ҳам қичқирди:
-   Эй муҳожирлар жамоаси!
Ҳар икки тарафдан одамлар тўплана бошлади. Ҳатто қуролларини чиқаришгача боришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва уларга қарата:
-   Бу қандай жоҳилият даъвоси?! Қўйинглар, ўша бадбўй даъвони! – дедилар.
Ҳазраж қавмининг вакиллари орасида турган, мунофиқларнинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ғазаби келди.
-   Агар Мадинага қайтсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур! – деди, ўзини азиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни хор деган маънода.
Уларнинг орасида Зайд ибн Арқам исмли йигит бор эди. Унинг гапини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди.
-   Эй йигит, эҳтимол сен унга ғазаб қилаётгандурсан, ёки янглиш эшитгандурсан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳга қасамки, мен ундан ўша сўзни эшитдим! – деди Зайд.
У айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг сўзимга ишонмаганларидан қаттиқ ташвишда қолдим. Амаким: “Сени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғончи қилишини хоҳлаган экансан-да!?” деди.
“Мен ростдан ҳам эшитганман. Агар бу сўзни отамдан эшитганимда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган бўлур эдим. Энди мен Аллоҳ таоло расулига сўзларимни тасдиқлагувчи оят туширса деб умид қиламан” дедим.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларимдан чалғитиш учун одамларни етаклаб жўнаб кетдилар. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан “Мунофиқун” сураси нозил бўлди”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Арқамнинг қулоғидан ушлаб туриб:
-   Эй йийит! Қулоғинг тўғри тушунган экан. Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, мунофиқларни рад этди, – дедилар.

СУҲАЙБ ФОЙДА КЎРДИ!
Суҳайб Румий ҳижрат қилишни ирода қилди. Бундан хабардор бўлган Қурайш мушриклари унга айтишди:
-   Келганингда бечораҳол қашшоқ эдинг. Бу ерга келиб бойиб кетдинг. Шунчалик даражага етиб қолдинг. Энди мол-мулкларингни олиб чиқиб кетмоқчимисан? Аллоҳга қасамки, бунақаси кетмайди!
-   Хўп. Агар молу мулкимни сизларга ташлаб кетсам, мени холи қўясизларми? – сўради Суҳайб.
-   Ҳа, – дейишди.
-   Молимни сизларга бердим! – деди у ва мол мулкини тоашириб ҳижрат қилиб чиқиб кетди. Бу хабар Сарвари коинотга етиб келганда жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам илтифот айладилар:
-   Суҳайб фойда кўрибди! Суҳайб фойда кўрибди!

Киши яхши кўргани биландур!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар “Эй Аллоҳ! Менга Ўзингнинг муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўйганларнинг муҳаббатини, мени Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиганларнинг муҳаббатини ризқ айла! Муҳаббатингни мен учун муздек сувдан ҳам кўра маҳбуброқ айла!” дер эдилар.



Бир аъробий савол берди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачондур?
-   Сен унга нима тайёрлаб қўйгансан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳга қасамки, мен унга намоз ҳам, рўза ҳам, бошқа каттароқ амал ҳам тайёрлаганим йўқ. Аммо мен Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўраман! – жавоб берди аъробий.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум айладилар ва:
-   Киши яхши кўргани биландур! – дедилар.

НИКОҲДАН ЖАННАТГА
Саъд Сулаймий Исломга кирган ва мусулмончиликни чиройли қилган ҳабаш қул эди. У масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирди. Одамлар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида жамланиб ўтириб, сўзларини эшитар, дин ва дунё ишларидан саволлар беришар эди.
Саъд ҳам ўрнидан туриб савол берди:
-   Менинг ҳабашлигим ва хунуклигим жаннатга киришига монеълик қиладими?
-   Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Раббингга тақво қилар экансан, Унинг расулига келган нарсаларга имон келтирар экансан ундоқ бўлмагай! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бердим! Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлишликка гуволик бердим. Менга яна нима бўлади, Эй Аллоҳнинг расули?
-   Қавмга нима бўлса сенга ҳам ўша. Қавмнинг зиммасида нима бўлса сенинг зиммангда ҳам ўша. Сен уларнинг биродарисан.
-   Сизнинг ҳузурингизда турганларга ҳам, ҳузурингизда бўлмаганларга ҳам, омматан, совчи бўлиб бордим. Бироқ менинг қора танлигим ва кўринишим хунуклиги учун мени қайтаришди. Ҳолбуки, мен ҳам Бани Салим наслиданман.
-   Амр ибн Ваҳбга бор. Эшигини тақиллат. Салом бер. Кириб унга: “Набийюллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларингиздан бирини мега унаштирди” деб айт – дедилар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган томонга йўл олди. Эшини қоқди. Уларга салом бериб:
-   Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуридан вакилман. У зот қизларингидан бирини менга унаштирганларини айтдилар, – деди.
Амр уни қўполлик билан қайтириб юборди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб борди.
Амрнинг қизи парданинг ортидан суҳбатни эшитиб турган эди. Чодрасидан чиқиб Саъдни чақирди:
-   Эй Аллоҳнинг бандаси, қайт! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени сенга унаштирган бўлсалар, Аллоҳ ва Унинг расули рози бўлган ишга мен ҳам розиман!
Саъд бир лаҳза тўхтади. Бироқ бу қиз токи отаси бор экан, ўзига ўзи эгалик қила олмаслигини фаҳлаб, ортига қайтмасдан йўлида давом этиб кетаверди. Қиз отасига айтди:
-   Эй отажон! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига шошилинг! Аллоҳ таоло марҳамат қилган:
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ
   “Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқлик йўқдур”. (Аҳзоб. 36) Сизни араблар орасида шармисор қилгувчи бирир ваҳий келиб қолмасдан бурун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига ижобат қилиб қолинг.
   Амр кўрдики, бу масалада қизи ундан кўра тўғрироқ фикр юритяпти. Шу заҳотиёқ бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узр сўраб амрини бажо қилмоқ учун йўлга тушди. Аммо Саъд ундан аввалроқ етиб келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бор гапни айтиб бўлган эди.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амрдан нима учун қизини беришга рози бўлмаганлигини сўрадилар.
-   Мен уни қайтармадим. Лекин у ёлғон сўзлаяптимикин деб ўйладим. Шунинг учун унинг сўзи тўғрилигига ишонч ҳосил қилгани ҳузурингизга келдим. Яна шуни эълон қилмоқчиманки, биз қизимизни унга бердик! – деди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ёшга барака тиладилар ва Саъдга:
-   Бор, кириб у билан қўшил, – дедилар.
Бундан у бениҳоят хурсанд бўлиб кетди. Шодонлик ила ўзига ва келинчакка сарпо сотиб олиш учун бозорга кирди. Шу пайтда бозордан бир жарчининг нидоси эшитилиб қолди:
-   Ҳой отлиқлар! Отланинглар! Жаннатнинг башорат берилади!
Бу Исломни мудофаъақилиш ва Аллоҳ йўлида жаҳд қилиш учун жангга чақириқ эди. Саъд ҳеч иккиланиб ўтирмай сарпо олишга тўплаган пулини олиб, от бозорига кирди. Пулига от, қилич ва найза сотиб олди. Сўнг аскарларга қўшилиб мушрикларга қарши жангга кириб кетди. Жанг майдонида токи шаҳид бўлгунга қадар бир қанча отлиқ ва пиёда аскарларни қатл қилди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар. Қурол ва отини келинчакка юборди. Кейин тайинладилар:
-   Бориб уларга Аллоҳ таоло уни қизларингизнинг энг яхшисига уйлантирди деб айтинг. Мана бу унинг мероси.
Кейин тиловат қилдилар:
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي مَقَامٍ أَمِينٍ *  فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ *  يَلْبَسُونَ مِن سُندُسٍ وَإِسْتَبْرَقٍ مُّتَقَابِلِينَ * كَذَلِكَ وَزَوَّجْنَاهُم بِحُورٍ عِينٍ
“Албатта, тақводорлар омонлик жойида. Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик”. (Духон. 51 – 54)



САВОДНИНГ “ҚАСОСИ”
Бадр ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобининг сафларини назорат қилиб, қўлларида камон ўқи билан сафни тўғрилаётган эдилар. Бану Адий ибн Нажжорнинг вакили Савод ибн Ғузайя олдинроққа ўтиб кетган экан, қорнига камон ўқи билан туртиб:
-   Текис тур, эй Савод! – дедилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг жонимни оғритдингиз! Ҳолбуки Аллоҳ таоло Сизни ҳақлик ва адолат ила юборган бўлса. Мен энди Сиздан қасос олишим керак, – деди Савод.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг камоли меҳрибонлиги ва улкан хулқ соҳибилигидан дарҳол қоринларини очиб бердилар-да:
-   Мана, уриб ол – дедилар.
Шундан Савод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қоринларини қучиб, ўпиб олди.
-   Сени бунга нима мажбур қилди, эй Савод? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг энг олий аҳдим Сизнинг танангизга танамни текизиш бўлишини хоҳлаган эдим, – жавоб берди у.
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуойи хайр қилдилар.
   

АБУ БАКРНИНГ САДОҚАТИГА ЯРАША МАРТАБАСИ
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишни ирода қилганларида дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳам бирга Савр ғори томон азм қилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўртиб чиқиб турган қоятошларга чиқишга ва яланг оёқ юришга одатланмаган эдилар. Муборак оёқларига тошлар ботди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Абу Бакр ғорнинг оғзига етгунга қадар елкасига кўтариб олди.
   Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорга кирмоқчи бўлганларида шошилиб:
-   Кирмай туринг! Аввал мен бир кириб кўрай! – деди.
Кириб ғорни айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб текшириб кўрди. Бир тешик топиб, у жойга изорини қирқиб беркитди. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиб озор бермасин дея, у иккала тешикка икки оёқларини қадади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тизларига бошини қўйиб ётиб уйқуга кетиб қолдилар.
Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган экан. Ҳақиқатан ҳам оёғи билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб оёғини чақа бошлади. Илон тешикдан чиқиб кетмаслиги учун ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам безовта бўлмасин деб оёғини қимирлатмай тураверди.
Бироқ чидаб бўлмас оғриқдан кўзларига ёш оқиб келди. Сўнг кўзидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзларига оқиб тушиб, уйғониб кетдилар.
-   Эй Абу Бакр, сенга нима бўлди? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин, бир нарса чақиб олди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам илон чаққан жойни оғриқ тамом бўлгунча муолажа қилдилар.
Тонг отиб кун ёришганда ғордан чиқиб йўлга тушдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга эътибор бериб қарасалар, йўлга чиқишда кийган изори йўқ. Сўраган эдилар, йиртиб ғордаги тешикларга тиққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юқори кўтариб дуо қилдилар:
-   Эй Аллоҳ! Қиёмат кунида Абу Бакрни менинг мартабамда қилгин!

Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқсалар Фотимаи Заҳро разияллоҳу анҳо хайрлашгувчиларнинг охиргиси, қайтганларида эса истиқболларига чиққувчиларнинг энг биринчи бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима разияллоҳу анҳонинг заифлиги ва маҳзунлиги учун қалби ачишар ва фироғига тоқат қила олмас эдилар.
Турмушга чиқарганларидан сўнг бир қанча кун ўтгач, олдиларига бориб айтдилар:
-   Мен сени ўзимга яқинроққа кўчириб ўтмоқчиман.
-   Ҳориса ибн Нўъмонни гаплашиб кўрингчи, уйини алмаштирармикин? – деди разияллоҳу анҳо.
-   Ҳориса ибн Нўъмон бизга жойини бўшатиб берган. Шунинг учун ундан сўрагани ҳаё қиламан, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Бу сўз Ҳорисага етиб борди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Эшитишимча Фотимани ўзингизга яқинроқ жойга кўчирмоқчи экансиз. Мана менинг уйим – у Бани Нажжор уйларининг ичида Сизга энг яқинроғи. Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун! Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга қасамки, Мендан Сиз олган молим Сиз қолдирган молимдан кўра мен учун маҳбуброқдур! – деди.
-   Сен тўғри сўзладинг, Аллоҳ сенинг молингга барака берсин! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Фотиманинг уйини Ҳорисанинг уйига кўчириб келдилар.

САЪДНИНГ ОНАСИ

Уҳуд жангидан сўнг Саъд ибн Муъознинг онаси шошилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минган отнинг тизгини тутиб турган эди:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Бу – менинг онам! – деди.
-   Марҳабо, хуш келибди! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
   Саъднинг онаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин келиб, тикилиб қаради ва:
-   Сизни соғ-омон кўрганимдан барча мусибатларим ёзилиб кетди! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онахонга Саъднинг ўғли Амр учун таъзия билдирдилар ва:
-   Эй Саъднинг онаси! Сенга хушхабар бўлсин ва уларнинг аҳлига ҳам хушхабар бўлсин! У қатл бўлганлар жаннатда ҳамроҳ бўлдилар улар ўн икки нафар эди, ўз аҳлларини шафоъат қилдилар – дедилар.
-   Бизлар Аллоҳнинг расулидан рози бўлдик! Шу сўзлардан сўнг уларга ким ҳам йиғласин?! – деди Умму Саъд разияллоҳу анҳо.

ЙИҒЛАМА, АБУ БАКР!

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотига сабаб бўлган хасталикларида мажолсиз ҳолда чиқдилар ва минбарга кўтарилиб шундай дедилар:
-   Бандага дунё ва унинг зийнати таклиф қилинган эди, у охиратни ихтиёр қилди.
Бу сўзларнинг моҳиятини ҳазрат Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким фаҳламади.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Нафақат ота-онамиз, балки, ота-боболаримиз, фарзандларимиз, ўзларимиз ва молларимизни Сизга фидо қилайлик! – деб йиғлаб юборди у.
-   Йиғлама, эй Абу Бакр! Шубҳасизки, мен учун инсонларнинг энг садоқатлиси – Абу Бакр. Агар инсонлардан халил – дўст тутсам Абу Бакрни тутган бўлур эдим. Лекин у менинг исломий биродарим. Масжид эшикларидан бирортаси ҳам қолмай беркитиб ташлансин, фақат Абу Бакрнинг эшигидан ташқари, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу яна йиғлади ва:
-   Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Сизники эй Аллоҳнинг расули!

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  01 Iyul 2015, 15:08:11

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ЖЎМАРДЛИК
وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ {الحشر/9}
“Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир”.
Жўмардлик – фазилатли амалларнинг энг гзалларидан бири. Муқаддас динимиз таълимотларида инсоннинг жўмардлик фазилати ила зийнатланиши тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло Каломи қадимда васф қилганидек:
“...ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар”
Аслида саҳоват ҳам эксак фазилат бўлса-да, жўмардлик ундан-да афзалроқдур. Чунки жўмардлик олийжанобликка, юксак маънавий покликка ва комил инсон бўлишликка етаклайди.
Инсонийлик маънолари қачон зоҳир бўлади?
У аввало кишида пинҳон ҳисобида бўлади. Қачонки борлиқ ҳақиқатларини англаб етиш учун нафси жиловланиб, руҳияти жилолаганда, ҳиссиётлари ўткирлашиб, виждони покланганда, фикри ойдинлашиб фаҳми тиниқлашганда унинг қалби бутун инсониятни сиғдира оладиган даражада кенгайганда, ҳа, ўшандагина кишида ҳақиқий инсонийлик маънавияти ҳаракатга келади ва зоҳир бўла бошлайди ва аста секин мукаммал инсонийлик даражасига етади.
Натжада унинг инсонийлик руҳияти ҳайвоний нафсонияти устидан ғалаба қилади. Негаки, мўмин банда жисми ва ҳиссиёти билангина эмас, балки руҳияти билан инсонлар қаторида бўлишига ишонади.
Ана ўшандагина руҳиятининг истаклари рўёбга чиқади ва инсон маънавият йўлида фидойилик қилади.
Жисмнинг истаклари эса ҳаётини сақлаб қолишга кифоя қилгулик ҳаракат билан ҳосил бўлади. Бинобарин, комил инсон емоқ учун яшамас, балки, яшамоқ учун ейди.
Киши нафсида ҳар қачон инсонийлик маънолари хиралашиб қолса, унинг ҳиссиётлари инсонларнинг ҳожатларини енгиллатишга жонбозлик қилади. Шуъури эса, яхшилик йўлида инсонларга келадиган ҳар қандай изтироб ва аламларни дафъ қилишда бор имконияти билан ҳааракатда бўлур. Натижада муҳтожларнинг ҳожатларини равон қилур, мусибатларини енгиллатур, ошуфта қалбларга тасалли бергай, озурда қалбларга малҳам бўлгай. Бундай олийжанобликлар эвазига нафсининг тубидан гўзал нафсоний лаззатлар топа олади, жўмардлик фазилатлари оқиб чиқади. Сўнг секин аста униб ўсиб юксак инсоний сифатлар ҳосил бўлади.



Абу Убайда ибн Жарроҳнинг жўмардлиги
Шомдаги мусулмонлар орасида вабо касали тарқаб қолди. Мўминларнинг амири Умар разияллоҳу анҳу лашкарбоши Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат юборди: “Сен бўлмасанг ҳал бўлмайдиган ҳожатимиз чиқиб қолди. Агар хатим сенга кечаси етиб борса, эрталаб йўлга туш. Агар кундузи етиб борса, кечаси йўлга туиб тезда етиб кел!”
Хат етиб келгач Абу Убайда ўқиб кўриб халифа ўзининг ҳузурига сақиртиргаининг сабабини англаб жилмайди ва асҳобларига айтди:
-   Аллоҳ Умарга раҳм қилсин, унинг ҳожатини тушундим. У боқий қолмайдиганни боқий қолдиришни хоҳлабди.
Сўнг жавоб хати ёзди: “Эй мўминларнинг амири! Менга бўлган ҳожатингни тушундим. Мени ўз талабингдан холи қил. Мен лашкар орасидаман. Ўз нафсимга рағбат қила олмагайман!”
Абу Убайда разияллоҳу анҳу лашкарни ташлаб, ўз жонини қутқаришни рад қилди ва ўша вабо касалидан вафот этди.


Улар ўзаро биродардурлар
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халтачага тўрт юз динор солиб хизматчисига айтди:
-   Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бор. Сўнг ўша жойда бир оз кутиб турчи, у буни нима қилар экан.
Хизматчи Абу Убайдага олиб бориб берди ва:
-   Мўминларнинг амири айтди, буни ўз ҳожатларингизга ишлатар экансиз, – деди.
-   Аллоҳ унга марҳамат қилсин! – деди Абу Убайда. Сўнг жориясини чақириб, – Бу ёққа кел! Фалончига манави етти динорни олиб бориб бер. Манави беш динорни эса, фалончига олиб бор! – деб шу зайлда барча пулларни тарқатиб юборди.
Хизматчи Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига қайтиб бориб кўрганларини айтди. Умар разияллоҳу анҳу яна шунча пул бериб Муъоз ибн Жабалга жўнатди. Бу сақар ҳам ўша гапни тайинлади. Муъоз разияллоҳу анҳу ҳам бор пулни тарқатиб юбораётган эди, хотини чиқиб:
-   Аллоҳга қасамки, бизлар ҳам мискинлармиз. Бизга ҳам беринг, – деб қолди. Қараса халтачада икки динор қолган экан, хотинига берди.
Умар разияллоҳу анҳу бу ишлардан қаттиқ севиниб кетди ва:
-   Улар ўзаро биродардурлар! – деди.


Оиша онамизнинг саҳовати
Оиша онамиз разияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир мискин тиланчилик қилиб келди. Онамиз рўзадор эдилар. Уйида бир дона нондан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Жориясига:
-   Унга ўшани бериб юбор! – деди.
-   Сизга ифторликка ундан бошқа нарса йўқ-ку? – эътироз билдирди жория.
-   Унга ўшани бериб юборавер! – деди. Жория бериб юборди. Кечки пайт қўй гўшти билан буғдой уни аралашган гўштли нонга ўхшаш арабларнинг “кафануш-шоти” егулигини ҳадя қилишди. Оиша онамиз жориясига айтдилар:
-   Мана бундан егин! Бу сенга обинонингдан кўра яхшироқ-ку!


Уни ўзимдан афзалроқ кўрдим
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳуга ҳанжар урилганидан кейин ўғли Абдуллоҳга:
-   Эй Умарнинг ўғли Абдуллоҳ! Мўминларнинг онаси Оишага бориб Умар Сизга салом айтди, дегин. Сўнг икки соҳибимнинг ёнларига дафн қилинишимга изн сўра! (Яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ёнларига) – деди.
Оиша разияллоҳу анҳо:
-   Мен ўзим учун хоҳлаган эдим, бироқ уни ўзимдан афзалроқ кўрдим, – деди.
Абдуллоҳ қайтиб келган эди Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Нима хабар билан келдинг?
-   Эй мўминларнинг амири! Сизга изн берди, – жавоб берди Абдуллоҳ.


Ўлим пайтидаги жўмардлик
Ярмук ғазотида Ҳузайфа Адавий сув кўтариб олиб амакисининг ўғлини қатл қилинганлар орасидан қидира бошлади. У:
-   Бир қултум сув ичсам эди, – деяётган эди.
Қараса, жароҳатланиб, ўлим тўшагида ётган экан.
-   Сув ичириб қўяйми? – сўради Ҳузайфа.
Боши билан “ҳа” ишорасини қилди. Шу маҳал бошқа бир одамнинг “Оҳ!” деб инграгани эшитилиб қолди. Ҳузайфага “Ўшанга олиб бор” деб ишора қилди. Ҳузайфа қараса Ҳишом ибн Ос экан. Ҳишом энди сув ичмоқчи бўлган эди учинчи одамнинг инграганини эшитиб қолди.
У ҳам сувни ўша ҳамроҳига илинди. Ҳузайфа бориб қараса, учинчи кимса жони узилибди.
Қайтиб Ҳишомга келди. У ҳам жон топширган. Амакисининг олдига келсиб қараса, у ҳам омонатни Ҳаққа топшириб бўлган эди.
   Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин.


У мендан кўра саҳийроқ
   Абдуллоҳ ибн Жаъфар чорбоғига кетаётиб, бир хурмо дарахтининг ёнида тўхтади. Ҳабаш қул бола дарах чиқиб меваларини тераётган эди. У хизмати эвазига уч дона нон олди. Шу пайт бир ит келиб қолди. Бола қўлидаги ноннинг биттасини итга берди. Ит уни еди. Сўнг иккинчисини берди. Ит уни ҳам еди. Учинчисини ҳам бериб юборди.
   Абдуллоҳ қараб туриб савол берди:
-   Ҳой болакай! Кунига қанча иш ҳақи оласан?
-   Нега сўраяпсиз? – деди болакай.
-   Нега итни ўзингдан афзал кўрдинг?
-   Бизнинг маҳалламизда ит йўқ эди. Ўйлашимча бу ит узоқ масофадан оч-наҳор келганга ўхшаяпти. Шунинг учун қуруқ қайтаргим келмади.
-   Бугун нима қиласан, энди?
-   Бугунча овқат емай қўяқоламан.
-   Аллоҳга қасамки, у мендан кўра сахийроқ экан! – деди Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва ўша хурмо билан болани сотиб олди. Сўнг Аллоҳ йўлида озод қилиб борди. Хурмони болага эҳсон қилди.




Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  15 Iyul 2015, 13:56:09

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
* وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى  *
“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”. (Назиъат. 40-41)

АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
   Қўрқишлик парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга хатолардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлишлик чораларини ўргатади.
   Қўрқишликнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишлик. Аллоҳдан қўрқишлик туфайли инсон Аллоҳ учун, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.
   Аллоҳдан қўрқишлик инсонни гуноҳкорлик ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳдан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги  Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб уни сидқидилдан бажаради. Муқаддас Ислом дини олдидаги вазифаларни бажаради. Натижада у валийлар – Аллоҳнинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради ва Аллоҳнинг буюк неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар қалбларида уларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди.
   Аллоҳдан қўрқишнинг энг асосий маҳсули – ҳар бир амални нуқсонсиз тўла бажаришга олиб келгувчи парҳезкорликдур.
   Аллоҳдан қўрқиш бозорда сотилгувчи матох эмаски, хоҳлаган одам сртиб олса. Балки Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган ушбу Ислом умматига насиб этган улуғ неъматки, Ўзи хоҳлаган бандасига хоҳлаган миқдорда ато этгай.
   Аммо Тангрининг буйруқ ва Унинг кўрсатмаларига хилоф равишда нафсининг хоҳишлари кесилиб қолишидан қўрққан кимсалар эса Аллоҳга Унинг Расулига осий бўлгайлар.
   
   
Шаъбон кечаси
   Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
   “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар. Устки кийимларини ечдилар. Кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай дарҳол қайта кийдилар-да, шошилиб чиқиб кетдилар. Мен кундошларимдан бириникига кирармикин деб гумонсираб рашким келди ва орқаларидан чиқсам, Бақеъ қабристонида эканлар. Мўмин ва мўминларга, шаҳидларга истиғфор айтаётган эканлар.
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен дунё ҳожати бўлсам, Сиз Раббингиз ҳожатида экансиз, – деб қайтиб бориб ҳужрамга кириб кетдим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортимдан етиб келдилар ва сўрадилар:
-   Бу қандай нафс, эй Оиша?
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Кийимларингизни ечиб қўйганимдан сўнг ҳеч қанча фурсат ўтмасдан, яна кийиб чиқиб кетдингиз. Мен кундошларимдан бириникига кирармикинсиз деб гумонсираб, қаттиқ рашким келди ва ортингиздан чиқсам, Бақеъ қабристонида экансиз, – жавоб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
-   Эй Оиша! Сен ҳали Аллоҳ ва унинг Расули адолатсизлик қилади деб қўрқдингми? Жаброил алайҳис салом келиб: “Ушбу кеча Шаъбон ойининг ўртасидур. Бу кечада Аллоҳ таоло дўзахдан Бану Калб қўйининг туклари миқдорида озод қилур. Лекин бу кечада мушрик, урушиб қолганлар, қариндошлик алоқаларини узганлар, бадхулқлар, ота-онасига оқ бўлганлар ва доимий хамр ичгувчиларга қаралмайди” деди.
Сўнг уст-бошларини ечиб:
-   Эй Оиша, ушбу кечада қиём туришимга изн берасанми?
-   Ҳа, ота-онам Сизга фидо бўлсин, – дедим.
Турдилар. Намоз ўқиб саждага бош қўйган ҳода шунчалар узоқ туриб қолдиларки, мен омонатни топшириб қўйдими, деб қўрқиб кетдим. Ўрнимдан туриб оёғинининг тагини ушлаган эдим, ҳаракатга келдилар. Севиниб кетдим. Саждада турган ҳолларида: “Эй Аллоҳ! Азобингдан паноҳ сўраб афвинг сари сиғинаман. Ғазабингдан паноҳ сўраб, розилигинг сари сиғинаман. Сенинг улуғлигинг сари сиғинаман. Мен Сенинг зотингга лойиқ сано айта олмайман”.
Тонг отгач, бўлган гапни айтиб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Оиша! У нарсаларни билиб ол! – дедилар.
-   Хўп, – дедим.
-   У нарсаларни билиб ол ва ўргат! Чунки Жаброил алайҳис салом бу нарсаларни менга ўргатди ва саждада қайтаришимни буюрди – дедилар”.


АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
Саълаба ибн Абдураҳмон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқчиси ва ходими эди. Бир кун у ансорлардан бирининг уйидан ўтаётиб ногаҳон ансория аёлнинг ғусл қилаётганига кўзи тушиб қолди. У яна қайта назар солди. Сўнг бирдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу гуноҳим ҳақида ваҳий келиб қолса-я, деган қўрқувда Мадинадан чиқиб, Макка ва Мадина орасидаги тоққа қочиб борди.
Қирқ кунгача унинг дараги бўлмади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирар эди. Ниҳоят Жаброил алайҳис салом келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди:
-   Раббингиз Сизга салом йўллади ва хабар бердики, қочиб кетган умматингиз фалон тоғда дўзахдан паноҳ сўраб, Аллоҳга сиғинмоқда.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб ва Салмон Форсийларни юбориб уларга тайинладилар:
-   Бориб Саълаба ибн Абдураҳмонни олиб келинглар.
Улар йўлда борар экан, Зуфофа исмли чўпонга рўпара келишди. Умар разияллоҳу анҳу ундан тоққа чиқиб кетан йигит ҳақида сўради. Чўпон:
-   Жаҳаннамдан қочган йигитни сўраётган бўлсанг кераг-а? – деди.
-   У жаҳаннамдан қочганини қаёқдан биласан?
-   У ярим кечада манави қояларнинг орасидан чиқиб келади. Қўлларини бошига қўйиб йиғлайди ва: “Эй кошки, жонимни олсанг эди! Менга Ўз марҳаматингни дариғ тутмагин!” деб нола қилади.
-   Ҳа, ўшани излаяпмиз, – деди Умар разияллоҳу анҳу.
Зуфофа уларни етаклаб кетди. Тун ярим бўлганда Саълаба чиқиб одатича нола қила бошлади. Умар разияллоҳу анҳу югуриб бориб уни тутди. Зуфофа яна нола қилди:
-   Ал-омон! Ал-омон! Қачон дўзахдан омонлик бўлур?!
-   Мен Умарман!
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳимдан хабардор бўлдими? – сўради у.
-   Мен у нарсадан бехабарман. Менинг билганим шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кеча мулойимлик билан сени сўради, – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Мени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган пайтда ёки Билол қомат айтаётган пайтда олиб кирмайсан.
-   Хўп, шундай қиламан.
Улар Мадинага бориб, масжидга кирганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эдилар. У зотнинг қироатларини эшитиб Саълаба ҳушидан кетиб йиқилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан фориғ бўлгач, Умар ва Салмон разияллоҳу анҳумодан Саълабани сўрадилар.
-   Ана у, эй Аллоҳнинг расули! – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб уни ўзига келтирдилар ва сўрадилар:
-   Нима нарса сени мендан узоқ қилди?
-   Гуноҳим! – деди у.
-   Сенга гуноҳ ва хатоларни ўчиргувчи оятни ўргатайми?
-   Ҳа, эй Аллоҳнинг расули!
-   “رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ  “ (Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин) деб айт, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менинг гуноҳим ундан катта, – деди Саълаба. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Йўқ! Аллоҳнинг Каломи буюкроқдур! – деб уни уйга қайтишга буюрдилар. У уйига бориб уч кун касал бўлиб ётиб қолди. Салмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб унинг бемор бўлиб қолганини айтди. Жанобимиз:
-   Юринглар! – деб унинг уйига бордилар. Кириб муборак тиззаларига унинг бошини қўйган эди, бошини тортиб олди.
-   Нега бошингни тиззамдан тортиб олдинг? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Чунки менинг бу бошим гуноҳларга тўла.
-   Нимани сезяпсан?
-   Этим билан суякларим орасида чумоли ўрмалагандек бўляпти.
-   Нимани хоҳлаяпсан?
-   Раббимнинг мағфиратини.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ уни мағфират қилганининг хабарини етказган эдилар, бир ҳайқирди-ю, жон таслим қилди...
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўзи ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқидилар ва қабристонга олиб бордилар. У жойда эҳтиёткорлик билан оёқларнинг учларида юрган эдилар асҳоблари бунинг сабабини сўрадилар.
-   Уни зиёрат қилгани келган фаришталарнинг кўплигидан оёғимни қўйгани жой топа олмаяпман, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Ҳазрат умарнинг аҳдномаси
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Шомдан Мадинага қайтар экан, одамларнинг аҳволларини билиш учун ўзи ёлғиз айланиб юрар экан чодрадаги бир кампирга йўлиқди. Кампир сўради:
-   Ҳой йўловчи! Умар нималар қиляпти?
-   Шомдан Мадинага қайтди, – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Аллоҳ унга яхшилик кўрсатмасин!
-   Нега?
-   Аллоҳга қасамки, у мўминларга раҳбар бўлганидан бери менга ундан бирор тухфа етиб келмади.
-   Сен ундан олисда бўлсанг, у сенинг ҳолингни қаёқдан билсин?
-   Субҳоналлоҳ! Аллоҳга қасамки, мўминларга раҳбар бўлган инсон уларнинг машриқидан мағрибигача билмайди деб ўйламайман!
Умар разияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва ўзига айтди: “Шўринг қурғур Умар! Ҳар бир инсон, ҳатто мана шу кампиргача, сендан кўра фаҳмлироқ экан-а!” Сўнг кампирга айтди:
-   Эй Аллоҳнинг канизаги! Умардан қилган шикоятингни қанчага сотасан, шоядки мен уни дўзахдан сақлаб қолсам?
-   Мен масхара қилма! – деди кампир.
-   Мен сени масхара қилмаяпман!
Шундай деб Умар разияллоҳу анҳу охири ундан шикоятини йигирма беш дирҳамга сотиб олди. Шу маҳал Али ибн Абу Толиб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо келиб қолишди ва салом беришди:
-   Ассалому алайкум, мўминларнинг амири!
Кампир бошини чангаллаб қолди:
-   Вой шўрим қурсин! Мўминларнинг амрини ўзининг олдида сўкиб юборибман-ку!
-   Аллоҳ сенга раҳм қилсин, ҳеч қиси йўқ, – деди ҳазрат Умар ва хат ёзиб бергани варақ сўради. Топилмаган эди кийимининг ямоғидан қирқиб олиб ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу хат Умар раҳбарлик қилганидан бери шу кунгача фалон кампирнинг шикоятларини йигирма беш дирҳамга сотиб олиш шартномасидир. Шу миқдор эвазига фалон аёл Маҳшар кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Умарга даъво қилмайди. Гувоҳлар - Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд”
Умар разияллоҳу анҳу ўша хатни ўғлига топшириб тайинлади: “Қачон мен вафот этсам шу хатни кафанимга қўшиб кўм. Токи Раббимга шу хат билан йўлиқай”

Гуноҳимдан қўрқяпман

Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам жон таслим қилаётган кишининг олидга кириб сўрадилар:
-   Ўзингни қандай сезяпсан?
-   Гуноҳларимдан қўрқяпман, лекин тангримнинг раҳматидан умидворман, – жавоб берди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бердилар:
-   Қайси банданинг қалбида шу ўринда бу иккиси жам бўлар экан, Алллоҳ унинг умид қилганини бериб, қўрққанидан омонлик бермай қўймас.


Ўзингизни ҳисоб қилинг!
Мурод қабиласидан бир киши Авс Қараний раҳимаҳуллоҳдан сўради:
-   Қандай тонг оттирдинг?
-   Аллоҳга ҳамд билан тонг оттирдим, – жавоб берди Авс.
-   Замон сенга қандай бўляпти?
-   Эй муродий биродарим, замоннинг ўзи ҳам, унинг зикри ҳам бу ер юзида мўминнинг қабига шодлик олиб келмагай. Аллоҳнинг китобидан унинг нималигини билган инсон уни дўст тутмагай, олтин ва кумушга ҳарис бўлмагай.
-   Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадислардан айтиб бер.
-   Эй биродарим, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаганман, лекин ушбу ҳадисга амал қилишингни тавсия қилурман:
“Ҳисоб қилинмаслигингиздан аввал ўзларингизни ҳисоб қилиб олинглар. Бас, Аллоҳ дунёни охират учун кўприк қилган. Шундай экан ундан ибрат олинглар!”


Аллоҳга нима деб жавоб берасан?
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир киши келиб:
-   Менга фалончи зулм қилди. Унга чора кўриб қўйинг! – деди.
Ҳазрат Умар дарраси билан унинг бошига уриб:
-   Умарни мусулмонларнинг ишлари билан шуғуланишга чорлайсизлар-да, олдига келиб: “Унга чора кўриб қўйинг! Унга чора кўриб қўйинг!” дейсизлар.
Келган киши норизо ҳолатда чиқиб кетди.
-   Уни чақиринглар! – деди Умар разияллоҳу анҳу. Сўнг унга чилчўпни берди ва: - Қасосингни ол! – деди.
-   Йўқ, мен уни Аллоҳга ва ўзингизга ҳавола қилдим!
-   Йўқ! Ундай бўлмайди. Уни ё Аллоҳга ёки ўзимга ҳавола қил.
-   Уни Аллоҳга ҳавола қилдим, – деб киши чиқиб кетди.
Умар разияллоҳу анҳу хонасига кириб икки ракаъат намоз ўқиди. Кейин ўзига ўзи: “Эй Хаттобнинг ўғли! Сен тубан эдинг, Аллоҳ сени кўтарди. Залолатда эдинг, ҳидоят қилди. Хор эдинг азиз қилди. Сўнг сени инсонларнинг бўйнига юклаб қўйди. Сенинг олдингга бир киши келиб зулм қилган кишига чора кўришингни сўраса, уни урдинг! Эртага Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?!” деб йиғлади.


Эй Раббим! Сендан қўрқдим
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қиладилар:
“Сизлардан аввалгилардан бир киши гуноҳ қилишда ҳаддан ошган эди. Сўнг ўғилларини тўплаб уларга:
-   Мен вафот этсам, жасадимни ёқинглар. Сўнг янчиб денгизга ташланглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ менга қодир бўлса биронта ҳам инсон жазоланмаган азобни берур, – деди.
У киши вафот этганида уни ўшандай қилишди. Сўнг Аллоҳ ерга: Олганингни қайтар!” деб буюрди.шундай қилиб у Аллоҳнинг ҳузурида турди. Аллоҳ сўради: “Бундай қилишингга сени нима ундади?” У: “Эй Раббим! Сендан қўрқишим” деб жавоб берди. Аллоҳ уни мағфират қилди.


Аллоҳ мени сўроқлагай
Умар разияллоҳу анҳу Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг олдига кириб салом берди. Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эса негадур саломга алик олмаган эди Умар разияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳуга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси мендан ғазабланиб қолдими, деб қўрқаман, – деди.
Абдураҳмон Абу Бакрга бу ҳақда айтган эди Абу бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу:
-   У кирганида олдимда икки хусуматчи бор эди. Мен Аллоҳ таоло улар нима дегани-ю, мен нима деганимни сўроқ қилишини билганимдан бор эътиборим билан кўзим ва қулоғимни уларга жалб қилиб олган эканман, – деб жавоб берди.


Аллоҳ калимаси озод қилди
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб мусулмонларнинг аҳволларини ўрганиш учун айланиб чиққан эди. Бир маҳал мудроқ босиб қолди. Шу пайт олдида қўй подасини етаклаб бир киш ўтиб қолди. Умар разияллоҳу анҳунинг уйқуси очилиб, синаб кўриш учун унга савол берди:
-   Қўйларингдан бирини менга сот.
-   Бу қўйлар меники эмас. Мен бир қулман. Бу қўйлар ҳожамники, – жавоб берди қул.
-   Бу ерда бизни ҳожанг кўрармиди. Биттасини сот, ҳожангга бўри еб кетди деб қўяверасан, – деди Умар разияллоҳу анҳу. Бу сўзларни эшитган чўпон бир сесканиб наъра тортди:
-   Эй араб биродарим! Аллоҳ кўрмайдими?!
Эртасига эрталаб Умар разияллоҳу анҳу унинг ҳожасини топтирди ва қулни ундан сотиб олиб озод қилиб юборди. Сўнг унга шундай деди:
-   “Аллоҳ” калимаси сени бу дунёда қулликдан озод қилди. Умид қилурманки, охиратда дўзах азобидан ҳам озод қилса.



Неъматлардан сўраласизлар
Абу Ҳозим айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. У ени кўрибоқ таниди, мен эса бир кўришда танимадим.
-   Эй Абу Ҳозим! Менга яқинроқ кел, – деди у. Яқинроқ борган эдим, мен ҳам уни танидим.
-   Сенмисан, мўминларнинг амири? – сўрадим.
-   Ҳа, – жавоб берди у.
-   Кеча кечқурун Мадинада бўлмадингми?
-   Шундоқ.
-   Маркабинг учқур, кийиминг покиза, юзинг кўркам, таоминг лаззатли экан. Сен мўминларнинг амри бўлганингдан кейин нима нарса сени бунчалик ўзгартириб юборди?
У йиғлаб юборди. Сўнг :
-   Эй Абу Ҳозим! Вафот этиб қабрга қўйилганимдан сўнг уч кун ўтгандан кейин кўрсанг эди? Қорачиқларим лунжларимга оқиб тушган, қоринларим ёрилган, қурт-қумирсқалар баданимда ўрмалаб юрган бўлса ҳолим нима кечар экан?... Эй Абу Ҳозим! Менга Мадинада айтиб берган ҳадисни яна бир қайтар, – деди. Мен унга ўша ҳадисни эслатдим:
-   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан эшитганман, у айтар эди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларнинг рўпарангизда машаққатли ва ҳалокатли тўсиқ бор. Ундан фақат ориқ ва қотмаларгина ўта олур” деганларини эшитганман”.
Умар яна йиғлади. Сўнг айтди:
-   Эй Абу Ҳозим! Мени маломат қилавергин, токи бу маломатларингдан озиб кетай. Шоядки ўша кунда тўсиқ ҳалокатидан нажот топсам. Бўлмаса “Неъматдан албатта сўралажаксизлар” оятидаги каби сўралганимда нажот топаман деб ўйламайман”.

Абу Саъдун
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Бир кеча Байтни тавоф қилаётган эдим, кўзимни уйу элтиб қолди. Шу пайт бир киши илдамлаб, менинг олдимдан ўтиб қолди. У: “Эй Раббим! Мен бир бошпанасиз сарсон-саргардон мискин бандангман. Мен Сендан Сенга яқинлаштиргувчи амалларни сўрайман. Ўзинг танлаб олган мукаррам пайғамбарларинг ҳурматидан муҳаббатинг шарбатидан ичиришингни ва завқу-шавқ қанотларини боғлаб Сенинг гулшанинг сари парвоз қилишлигим учун қалбимдан жаҳолат пардасини олиб ташлашингни сўрайман” деди ва йиғлади. Кейин кулди. Сўнг кулди ва йўлида давом этиб кетди”.
Зуннун унинг ортидан эргашди. Масжиддан чиқиб, унинг ортидан Макка хароботларигача борди. Шунда у киши:
-   Сенга нима керак? Бошқа ишинг йўқми? Қайт ортингга! – деди.
-   Аллоҳ сенга раҳм қилсин, исминг нима? – сўради Зуннун.
-   Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси)
-   Отангни исми нима?
-   Абдуллоҳ.
-   Тўғри, ҳамма инсонлар ҳам Аллоҳнинг бандалари. Уларнинг оталари ҳам Аллоҳнинг бандалари. Ўзингни исминг нима?
-   Раббим мени Абу Саъдун деб номлаган.
-   Сен Аллоҳга кимларни васила қилдинг?
-   Улур шундай зотларки, забонийларнинг азоблашларидан қўрққан, қалблари тўла муҳаббат ила Аллоҳнинг розилигига ошиққандурлар!


Ҳомиланинг хуни
Ким Аллоҳдан қўрқса, бошқа барча нарсанинг олдида у ҳайбатли бўлур. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Аллоҳдан қанчалар қўрққан бўлса, ундан ҳам барча инсонлар ҳайиқар эди. Ҳатто “Ҳажжожнинг қиличидан кўра Умарнинг дарраси маҳобатлироқ эди” деганлар.
Умар разияллоҳу анҳу эл ичида ҳар хил гап-сўзи тарқаган бир аёлни чақиртирди. Уни олиб боргани вакиллар келган эди қўрқиб қалтираб кетди. Йўлга чиқишганидан кейин қўрқув ичида ҳомиласи тушиб кетиб нобуд бўлди.
Буни эшитган Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини йиғиб, улардан бунинг ҳукми нима бўлишини сўради. Улар: “Кўриб турибмизки, сен уни тартибга солмоқчи бўлган эдинг. Яхшиликдан бошқа ҳеч нарса истамаган эдинг. Шунинг учун сенга бок йўқ” дейишди.
Фақат Али каррамаллоҳу важҳаҳу индамай ўтирар эди.
-   Эй Абу Ҳасан, сенда қандай фикр бор? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Булар нима деганини эшитиб турибсан, – жавоб берди Али каррамаллоҳу важҳаҳу.
-   Сенинг ўзингда қандай фикр бор?
-   Одамлар сен эшитган нарсани айтдилар.
-   Аллоҳга қасамки, ўз фикрингни айтасан!
-   Унинг хуни сенинг оилангиннг зиммасига бўлади. Чунки боланинг хатоан ўлдирилиши сенга таъаллуқли бўлди.
-   Аллоҳга қасамки, уларнинг орасида сен менга тўғри сўз айтдинг. Энди мен боланинг хунини Бани Адий жамоасига жорий қилмагунимча кетмай тур!


Раббим мендан сўрагайдур!
Халифа Сулаймон ибн Абдумалик вафот этди. Унинг жанозасидан фориғ бўлишганларидан сўнг Умар ибн Абдулазиз ғамнок ҳолда уйига қайтди. Бу ҳолни кўриб унинг мавлоси:
-   Нечук ғамноксиз? – деб сўради. Умар ибн Абдулазизи жавоб берди:
-   Қандоқ ҳам ғамга чўкмай? Ҳолбуки бутун умматнинг ҳаққини адо этиш масъулиятини ўз зиммамга олишга рози бўлган бўлсам!
Сўнг йиғлаб юборган эди аёли кириб йиғининг сабабини сўради.
-   Мен бу умматнинг барча ишлари учун раҳбар бўлдим. Менинг тасарруфимдаги қишлоғу-шаҳарлардаги барча фақирлар, очлар, хаста-беморлар, чорасиз қарздорлар, ўксик етимлар, бева қолган туллар, жабрдийда мазлумлар, ғариблар, асирлар, мункиллаган қариялар, камбағал аёлвандлар ва шу кабилар ҳақида тафаккур қилиб билдимки, Аллоҳ таоло қиёмат кунда мендан улар ҳақида албатта сўрагайдур! Шунга йиғламоқдаман, – жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.


Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  12 Avgust 2015, 16:49:23

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ТАВБА
وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى
“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман”. (Тоҳо. 82)
Тавба – банда ўзлигини англаб, қилган гуноҳларига надомат чекиб, келгуси ҳаётида яна шундай ҳолатга дучор бўлиб қолса ҳам ўша гуноҳни такрорламасликка чин дилдан азм қилишликдур. Шундагина банда ҳақиқатан Аллоҳга тавба қилган, ва Унинг розилиги йўлига юрган саналади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кечасида гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кун бўйи илтифот қилади. Кундази гуноҳ қилган бандалари тавба қилишлари учун кечаси билан илтифот қилади.
Тавба икки хил бўлади:
– биринчиси меҳрибон ва шафқатли Аллоҳ таоло томонидан бўлади. Бу  - Аллоҳнинг бандаларига марҳамати ва банданинг тавбасини қабул қилишлиги;
– иккинчиси банда томонидан бўлади. Бу – гуноҳдан қайтишлик ва истиғфор айтиб гуноҳи кечирилишидан умидвор бўлишлик.
Пок Парвардигорнинг раҳмати ҳар бир нарсани ўзи ичига олгусидур. Унинг раҳмати кенгдур. Гуноҳдан қайтишни ирода қилган ҳар бир гуноҳкор осий бандага етиб борур. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавба қилиб истиғфор айтган бандасидан Ўз раҳматини дариғ тутмагай. Шунинг учун мен тавбанинг фазилат қанчалар буюк, тавба қилган бандага тавба қилгани учун Правардигори томонидан марҳамат қилинадиган мукофотлари қанчалар улуғлиги бизларга далил бўлсин деб бу бобда қиссалардан бир қанчасини тақдим қилдим.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳадиси қдсийда айтади:
“Эй одам боласи! Мен сени ўз қудратим билан яратдим, неъматим ила тарбия қилдим. Сен эса менга хилоф қилдинг ва осийлик қилдинг. Агар  Менга қайтсанг, Мен сенинг тавбангни қабул қиламан. Мен шунчалик кечиримили ва меҳрибондурман, сен Менга ўхшаган тангрини қаёқдан топа оласан?!”

Зониянинг тавбаси
Жуҳайнадан бўлган бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
-   Мен жазолашга лойиқ иш қилиб қўйдим. Уни менга қўллашингизни сўрайман, – деди.
У зинодан ҳомиладор бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни токи туққунга қадар чиройли парваришлаш учун валийсига топширдилар. Қачон туғиб, нифосдан пок бўлиб, эмизишларни адо қилганидан сўнг тошбўрон қилдирдилар. Унинг жанозасини ўқимоқчи бўлган эдилар Умар разияллоҳу анҳу ажабланиб сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расули! У зинокор бўлса ҳам жанозасини ўқийверасизми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   У шундай тавба қилдики, унинг тавбасини Мадина аҳлидан етмиштасига тақсимлаб берсам ортиб қолур. Қандай қилиб жанозасини ўқимайин, ҳолбуки у ўз жонини Аллоҳ йўлида қурбон қилган бўлса!?


Каъб ибн Моликнинг тавбаси
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобини Табук ғазотидан шаръий узрсиз қолган кимсалар билан гаплашишдан тақиқлаб қўйдилар. Улар Каъб ибн Молик, Мирора ибн Рабиъ ва Ҳилол ибн Умайя эди.
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади:
“Одамлар биздан қочар, муносабатлари ўзгариб қолган эди. Ҳатто ер ҳам, бошқа нарсалар ҳам мендан ўзини олиб қочаётгандек эди. Бу ҳолат эллик кеча давом этди. Иккала шерикларим эса уйларидан чиқмай йиғлаб ўтирар эдилар. Мен эса қавмнинг ёшроғи ва бардошлироғи эдим. Шунинг учун мен чиқиб намозни мусулмонлар бирга ўқир ва бозор айланиб юрар эдим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздан кейинги мажлисларига бориб салом берар эдим. Ўзимча “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг саломимга жавоб қайтариш учун лабларини қимирлатдилармикин ё йўқми” дер эдим. Сўнг у зотга яқин бўлиб намоз ўқиб, яширинча назар солиб қўяр эдим. Қачон намозимга юзлансам, менга юзланар, у зот томонга қарасам, юз ўгириб олар эдилар.
Шу ҳолатда одамларнинг мендан алоқа узишлари чўзилиб кетди. Шунда мен бориб, амакимнинг ўғли, мен учун инсонларнинг энг суюклиси бўлган Абу Қатоданинг деворидан тирмашиб тушиб унга салом бердим. Аллоҳга қасамки, у ҳам менга жавоб қайтармади. Мeн унга:
-   Эй Абу Қатода, сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман. Сен мeнинг Аллоҳни ва расулини яхши кўришимни биласанми? - дeдим.
У сукут қилди. Иккинчи бор яна Аллоҳнинг номи билан сўрадим. Яна сукут қилди. Учинчи бор ҳам Аллоҳнинг номи билан сўраган эдим:
-   Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ, - дeди. Шунда икки кўзим ёшга тўлиб, дeвордан тирмашиб орқамга қайтиб кeтдим.
Эллик кечадан сўнг уйимизнинг тeпасида бомдод намозини ўқиётган эдим, Аллоҳ зикр қилгандек ҳолимда юрагим сиқилиб, ер кeнг бўлишига қарамай, торайиб кeтгандeк бўлиб турган бир пайтда ногаҳон бир кишининг Сал тeпалигига чиқиб олиб баланд овози билан:
-   Эй Каъб ибн Молик! Суюнч хабари! – деган овозини эшитиб қолдим.
Хурсандчилик соати кeлганини билиб, саждага йиқилдим. Инсонларнинг энг билгувчироғи - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози вақтида Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мeн ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини бeришга шошилишибди. Бир киши мeнинг олдимга от минган ҳолда чопиб кeлди. Яна бир киши Аслам қабиласидан пиёда кeлди. Бу киши тоғ ошиб кeлиб баланд овоз ила башорат бeрди. Унинг овози отдан ҳам тeзроқ эди. Мeнинг ҳузуримга хушхабар олиб кeлиб бақирган кишига суюнчи учун устимдаги икки кийимимни ечиб, унга кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунда шу икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим.
Энди мeн икки кийимни қарзга олиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мeни табриклашарди. Улар мeнга: “Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз!”, дeйишар эди.
Масжидга кирсам. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида  одамлар билан ўтирган эканлар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу ўрнидан турди-да, мeн томон югуриб, мeн билан қўл бeриб сўрашиб табриклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан Талҳа разияллоҳу анҳудан бошқа бирор киши турмади. Шунинг учун уни ҳаргиз унутмайман.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бeрдим. У зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб:
-   Онанг сени туққанидан бери ўтган кунларнинг энг яхшисининг хурсандлик хабарини бeраман! – дeдилар.
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу Сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми? – сўрадим. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Йўқ, бу Аллоҳ  томонидан, - дeдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлсалар, юзлари гуёки ойнинг парчасига ўхшаб нурланиб кeтар эди. Биз буни шундан билиб олар эдик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни тиловат қилдилар:
وَعَلَى الثَّلاَثَةِ الَّذِينَ خُلِّفُواْ حَتَّى إِذَا ضَاقَتْ عَلَيْهِمُ الأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ وَضَاقَتْ عَلَيْهِمْ أَنفُسُهُمْ وَظَنُّواْ أَن لاَّ مَلْجَأَ مِنَ اللّهِ إِلاَّ إِلَيْهِ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ لِيَتُوبُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
“Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Тавба. 118)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида ўтириб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, мeн бу тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан, дeдим. У зот:
-   Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Шу сeн учун яхши бўлади, - дeдилар. Мeн:
-   Ундай бўлса Хайбардаги улушимни олиб қоламан, - дедим”.


Абу Суфённинг кечирилиши
Абу суфён ибн Ҳорис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси ва эмикдош биродари эди. Уни ҳам Ҳалимаи Саъдия разияллоҳу анҳо эмизган эди. Ёшлигидан Расулуллоҳнинг  ўртоғи бўлган. Аммо пайғамбар бўлгач у зотга ҳеч кимга қилмаган душманликлар қилди. Расулуллоҳни ва саҳобаларини ҳажв қилар эди.
   Шу зайлда 20 йил давомида Расулуллоҳга душманлик қилиб мусулмонларни ҳажв қилди. Қурайш қабиласи Расулуллоҳга қарши жанг қилиши учун чиққан ўринларнинг бирортасидан ҳам қолмади.
   Кейин эса Аллоҳ таоло унинг кўнглини Исломга мойил қилди. Ҳолбуки унинг қонини тўкишлик ҳалол қилинган эди.
   Абвода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара келди. Абу Суфён айтади: “Менга кўзлари тушиши билан мендан юзини ўгириб олдилар. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Расулуллоҳ мендан юз ўгирганини кўришиб мусулмонларнинг ҳаммалари юз ўгирдилар.
   Ансорлардан бирор кишини ўртага солиши умидида Умарга қарадим. У  эса “Эй Аллоҳнинг душмани! Сен эмасми Расулуллоҳга ва асҳобларига озор берган! Душманлигинг машриқу мағрибни тўлдирди-ку!” деди.
Сўнгра Аббоснинг олдига кириб: “Эй амаки, мен исломга киришим билан ўз яқинлигим ва ашрафим туфайли Расулуллоҳни хурсанд қиламан деб умид қилган эдим, аммо ўзингиз кўриб тургандек бўлди. Энди ўзингиз гаплашиб мендан рози бўлишга кўндириб беринг” дедим.
“Йўқ! Аллоҳга қасамки, шу ҳолатни кўриб туриб у зот билан сен тўғрингда асло гаплашмагайман!”
Али билан гаплашсам у ҳам ўша гапдан бошқа сўз айтмади.
Бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшигининг олдига ўтириб олдим. Аммо на Расулуллоҳ на мусулмонлардан бирор киши менга бир оғиз ҳам гапирмадилар. Қаёққа борсалар ҳам ўғлим Жаъфарни олиб эшигининг олдида ўтиравердим. Бироқ менда фақатгина юз ўгирар эдилар.
Бирга юравердим. Макка фатҳи кунларида ҳам бирга бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абтаҳга тушганларида ёнларига яқин бордим. Бу сафар аввалгидан кўра  мулойим назар ташладиларки, ҳатто табассум қилсалар деб умид қилдим.
У зотнинг ҳузурларига бани Абдулмутталибнинг аёллари байъат қилиш учун келганларида менинг хотиним ҳам бирга келди. Унинг исломга кириши менга нисбатан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгиллари яна ҳам юмшашига сабаб бўлди.
Ҳунайн ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хачирларини тўхтатиб қиличларини яланғочладилар. Мен ҳам қўлимда қилич билан отимдан сакраб тушдим. Аббос хачирнинг жуганининг бир тарафини, мен иккинчи тарафидан тутдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ким?” деб сўрадилар.
Аббос: “Бу сенинг биродаринг, амакингнинг ўғли Абу суфён ибн Ҳорис. Эй Аллоҳнинг расули! Энди ундан рози бўлиб қўйгин” деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хўп, майли. Менга душманлик  учун қилган ҳар бир адоватини Аллоҳ кечирсин!” дедилар.
Жангда қатнашдим. Мен энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ёғилаётган душман найзаларидан асло ҳайиқмас эдим. Қачонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни мўлжалга олганларида менга:  “Олдинга ўт!” дедилар. Шундай ҳамла қилдимки, душманлар ўз ўринларидан чекинишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортимдан изма-из келдилар. Уларнинг ҳар бирини бир фарсаҳдан узоқликка улоқтириб юбордимки, натижада ҳар тарафга тум-тарақай бўлиб кетишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ховуч тупроқ олиб мушрикларга томонга: “Шоҳатил вужуҳ” (“Юзларинг дабдала бўлсин!) деб сочиб юбордилар. Сўнгра: “Каъбанинг Раббисига қасамки, хор бўлгайсизлар!”дедилар”.


Аллоҳ Кифлни мағфират қилди
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Бани Исроилда ҳеч қандай гуноҳдан қайтмайдиган Кифл бор эди. Унин олдига бир аёл келиб қолди. Унга олтмиш динор бериб мақсадини ҳосил қилмоқчи бўлди. Эркаклар ўз хотинлари билан қиладиган ишни бошламоқчи бўлган эди, аёл қалтираб йиғлаб юборди.
-   Нимага йиғлаяпсан, ёки бу иш сенга ёқмаяптими? – сўради Кифл.
-   Йўқ. Лекин мен муҳтожлигим сабабли ҳаётимда ҳеч қачон қилмаган ишни қилишга мажбур бўляпман – жавоб берди аёл.
-   Агар асло қилмаган ишингни қилаётган бўлсанг, бор, кетавер! Пул ҳам сенга! – деди Кифл. Сўнг: “Аллоҳга қасамки, қайтиб Аллоҳга осийлик қилмайман!” деб қасам ичди.
Шу кеча вафот этди. Эшигида: “Аллоҳ Кифлни мағфират қилди” деган ёзув пайдо бўлиб қолди.


Амр ибн Оснинг Исломга кириши
Бир киши ўрнидан туриб Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Сени нима нарса Иломга киришингни пайсалга солди?
У жавоб берди:
-   Бизлар ўзимиздан муқаддамроқ қавм билан эдик. Уларнинг доноликлари тоғларга қиёс эди. Қачонки пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват келганида улар инкор қилдилар, биз ҳам уларга тақлид қилдик. Улар кетиб, иш ўзимизга қолганида, бизлар тафаккур ва тадаббур қилиб кўрдик. Ҳақ аниқ баён бўлгач, қалбим Исломга мойил бўлди. Мен Исломга дарҳол кира қолмай тарддудда бўлганимни шундан деб биламан. Менинг олдимга бир йигитни юборишди. У мен бу Ислом тўғрисида мунозара қилди. Мен унга: “У зотнинг яхши амаллар қилганларга мукофот, ёмон ишлар қилганларга жазо берилиши учун ўлгандан сўнг тирилишимиз ҳақида айтган сўзлари ҳақ эканлигини қалбимдан ҳис қилмоқдаман. Шундай экан ботил ишларда бардавом бўлмоқлик яхши эмас” дедим.
Шундан сўнг Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Исломга кириш учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йўл олди. Йўлда Холид ибн Валид ва Бани Абду Дордан бўлган, Каъбанинг нозири Усмон ибн Талҳага йўлиқиб қолди. Холиддан сўради:
-   Қаёққа кетмоқдасан, эй Сулаймоннинг отаси?
-   Аллоҳга қасамки, энди фурсат етиб келди. У зот ҳақиқатан пайғамбардур! Аллоҳга қасамки, Исломга кирмоқ учун бормоқдаман. Қачонгача шу ҳолда юрамиз, ахир!
-   Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен Ислом учунгина йўлга тушдим.
Улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга назар солдилар ва асҳобига:
-   Батаҳқиқ, Макка сизларга ўзинниг жигарпораларини юборибди, – дедилар.
Аввал Холид ибн Валид Исломни қабул қилди. Сўнг Амр ибн Ос:
-   Эй Аллоҳнинг расули! Менинг аввалги гуноҳларимни кечиришингиз шарти билан байъат қиламан, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Амр, байъат қилавер. Зеро Ислом ўзидан аввалгиларини кечиб юборади. Ҳижрат ҳам ўзидан аввалгиларини кечиб юборади, - дедилар.
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг унинг шижоати ва маърифатини юқорилигидан ўзларига яқин олиб юрдилар. Шунинг учун Макка фатҳида унга Қуронда зикр қилинган бутлардан Ҳузайл қабиласига тегишли бўлган Сувоъ исмли бутни ағдариш вазифасини топширдилар. Амр разияллоҳу анҳу борганида бутнинг роҳиби уни бу ишдан қайтариб, ишининг оқибати ёмон бўлишлигидан огоҳлантирди. Амр унга:
-   Сен ҳали ҳам ботилликдамисан? – деди ва бутни ағдариб ташлади. Сўнг нозирга қараб: - Хўш, энди нима дейсан? – деб сўради. Роҳиб:
-   Оламларнинг Раббиси Аллоҳга имон келтирдим, - деди.


Сен дўзах аҳлидан эмассан
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайсни суриштириб қолдилар. Собит ўз жамоатида ўзига яраша мақомга эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Унинг қаерда эканлигини менга ким айтиб беради? – сўрадилар. Бир киши:
-   Мен, Эй Аллоҳнинг расули! – деди. У киши бориб уни уйида бошини хам қилиб ўтирган ҳолда топди.
-   Сенга нима бўлди? – деб сўради киши.
-   Ёмон! – жавоб берди Собит, - Мен овозимни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозидан баландроқ қилган эдим. Энди менинг амалларим куйиб кетди. Мен энди дўзах аҳлидан бўлиб қолдим!
У киши қайтиб бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг сўзларини етказди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Унинг олдига бориб: “Сен дўзах аҳлидан эмассан, балки жаннат аҳлидансан” деб айт, - дедилар. Хабарчи бориб Собит разияллоҳу анҳуга мана шундай улкан башорат хабарини етказди.


Ваҳшийнинг муслмон бўлиши
Уҳуд ғазотида ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули Ваҳший томонидан қатл қилингач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қатл қилишга ҳукм қилдилар. У эса қатладан қўрқиб саҳрога қочиб кетди. Кунлардан бир кун унинг қалбида Исломга кириш хоҳиши пайдо бўлиб қолди. Инчунун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хат ёзди:
“Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен Исломга киришни хоҳлайман, лекин Аллоҳ таоло сенга нозил қилган ушбу оят мени тўсмоқда:
* وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهاً آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَاماً * يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَاناً *
“Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб) да хор бўлиб абадий қолур”. (Фурқон. 68-69)
Мени сен биласан – мушрикман, қотилман ва зонийман”.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلاً صَالِحاً فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُوراً رَّحِيماً
“Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир”. (Фурқон. 70)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар.  Ваҳший жавоб хатини олгач, яна хат жўнатди:
“Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бу оятда шарт бор экан”. Бу билан Ваҳший тавба қилиб, имон келтириб, яхши амаллар қилиш шартини назарда тутди. У бу шартларсиз Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини хоҳлаган эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:
إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاءُ
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур”. (Нисо. 48)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна унинг хатига жавобан бу оятни юборди. Аммо Ваҳший Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яна жўнатди:
“Бу оятда хослик бор экан”. Бу билан у Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини кечиришини, у эса ўша хоҳлаган бандаси бўлмаслиги этимоли борлигини назарда тутган эди.
Бандаларига ўта раҳмдил бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна оят нозил қилди:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт”. (Тавба. 53)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавобан шу оятни юбордилар. Ваҳший хатни ўқиди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлганини эълон қилди.
Шундай қилиб Ваҳший Исломга кирди ва шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди. Мусайлама каззобни ҳам у ўлдирди ва: “Мен жоҳилиигимда эдим, инсонларнинг яхшисини ўлдирдим. Энди эса Исломдаман, одамларнинг ёмонини ўлдирдим”.


Аллоҳнинг марҳамати
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикоя қилиб бердилар:
“Сизлардан бурунгилардан бир киши бўлган эди. У тўқсон тўққизта одамни ўлдирди. Сўнг ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир роҳибни айтишди. Унинг олдига бориб:
-   Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдрди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:
-   Йўқ, - деди. Уни ҳам ўлдирди. Шу билан тўлиқ юзта бўлди. Сўнг чна ер аҳлининг билимдонроғини сўради. Унга бир олимни айтишди.
Унинг олдига бориб:
-   Бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдрди. Унинг тавбаси қабул бўладими? – деб сўради. У:
-   Ҳа. Сен билан тавбанинг орасини ким ҳам тўса оларди? – деб жавоб берди. Сўнг яна сўзида давом этди: - Сен фалон-фалон жойга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилгувчи инсонлар бор. Сен ҳам бориб улар билан ибодат қил. Ўз юртингга қайтма! У ер ёмон жой!
У йўлга тушди. Йўлнинг ярмига етганида унга ўлим етиб келди. Шу жойда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари айтдилар:
-   У қалбидан Аллоҳ таолога юзланиб тавба қилиб келди.
Азоб фаришталари айтишди:
-   У сира яхши амал қилмади.
Уларнинг олдига бир фаришта одам суратида келиб қолди. У ни ўрталарига қўйишди. У:
-   Шу жойдан туриб икки ер орасидаги масофани ўлчанглар. Қайси бирига яқин бўлса, у ҳам ўшалардандир, - деди.
Аллоҳ таоло унисига, яъни ёмон ерга “Узоқлаш!” деб ваҳий қилди. Бунисига, яъни яхши ерга “Яқинлаш!” деб ваҳий қилди. Икки ер оралиғини  ўлчашди. Уни бунисига, яъни яхши ерга бир қарич яқин топишди. Шу билан у мағфират қилинди”.

Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  23 Fevral 2016, 16:00:45

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АДОЛАТ
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ إِنَّ اللّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِ إِنَّ اللّهَ كَانَ سَمِيعاً بَصِيراً
“Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир”. (Нисо. 58)
Ислом инсонни эзгуликка чорлайди. Уни камолот сари етказиб, яхшиликка етаклайди. Пировардида тангрисининг, инсонларнинг розилигини топиб, дунё ва охиратинг бахту-саодатига етишлиги учун Тангриси билан, руҳияти билан, ўз нафси билан, жамият ва башарият билан адолатда бўлишга тарғиб қилади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ لِلّهِ شُهَدَاء بِالْقِسْطِ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг”. (Моида. 8)
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)
Инсоннинг Тангриси билан адолатда бўлишлиги – ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога имонда, тақвода бўлишлиги ва Ундан қўрқишлиги. Мол-дунёсининг ҳаққини адо қилишдиги, ибодатда, муомалаларда ва ахлоқда Аллоҳ таолонинг шариатидаги кўрсатмаларга риоя қилишлиги, ман қилинган ёмон ва гуноҳ ишлардан узоқ бўлишлиги, яратган Парвардигорнинг беҳисоб неъматларига шукр қилишлигига кўра ибодат қилишлигидур. Банда ҳар бир сўз, амал ва жараёнда ҳушёрлик билан адолат қилишлиги бўлиш лозим.
Шубҳасизки, Аллоҳга тақво қилишлик инсонни Парвардигоридан қўрқишлик ва Ундан бошқасидан қўрқмаслик мақомига етказур. Натижада адолат унинг дастури, ҳақларни адо қилишлик бурчига айланади.
Аллоҳ таоло золимларга таҳдид ва аламли азобларни ваъда қилиб айтади:
وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ
“Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар”. (Шуъаро. 227)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
“Инсонлар қачон бир золимга дучор бўлсалар, лекин унинг қўлидан тутмасалар Аллоҳ Ўз ҳузуридан бўладиган азобда уларни ҳам бирга қилиши бор”.
Инсоннинг ўз нафси билан адолатда бўлишлиги танасини эҳтиёт қилиб саломат сақланиши учун керакли чораларни кўриб боришлигидур. Бу нарса барча тасарруфотларда меъёрда бўлишликдур. Чунки бунда меъёр фазилатдур. Фазилат эса икки нуқсон орасидаги ўртаҳолликдур. Шунингдек исроф эса соғликка зарар етказиб, молни совуриш эвазига баландпарвозлик, енгил ҳаёт ва латофтга олиб боргувчи жирканч дабдабадан иборатдур.
Шунинг учун Ислом динида эркакларнинг ҳарир либос кийишлари ва тилло тақинчоқлар тақиши ман этилган. У нарсалар хотинларга хосдур.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади:
وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф. 31)
Яна бошқа оятда эса шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَاماً
“Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”. (Фурқон. 67)
Инсоннинг бошқалар билан адолатда бўлишлиги эса, Ислом инсонлар орасида тенгликни жорий қилган. Мусулмонларга ҳам, мусулмон бўлмаганларга ҳам ҳурликни кафолатлаган. Динда ҳеч ким мажбур қилинмайди. Ҳар қандай инсон билан, гарчи адоват ва хусуматда бўлса ҳам адолат ила муносабатда бўлишга буюради.
Аллоҳ таоло айтади:
وَلاَ يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلاَّ تَعْدِلُواْ اعْدِلُواْ هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ
“Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир”. (Моида. 8)
Ислом ҳар бир жавобгар шахсни адолатга ўз меъёрида риоя қилишга чақиради. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳар тасарруфоти адолатга асосланган. Шариатимизда бандага тоқатидан ташқари зулм қилинмайди, балки адолат ила тоқатига яраша амал қилишга буюриладики, токи жамият омонлик ва барқарорликни ҳис қилсин. Токи амаллар ва ободонлик учун вақт ажратсин. Ватанини мудофаъа қилсин.
Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ
“Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир”. (Нисо. 58)
Ушбу ривоят қилинажак ҳадисда ҳам раъият аро барпо қилинган адолатнинг самарасида қанчалик тенглик ҳосил бўлганини кўришимиз мумкин.
Мусулмон лашкаридаги бир аскар халиф Умар разияллоҳу анҳуа ўзининг қўмондони бўлмиш Абу Мусо Ашъарий уни уриб, сочини қирдириб юборганидан шикоят қилиб келганида Умар разияллоҳу анҳу Абу Мусога хат ёзиб, лашкар қошида аскар қасосини олишини буюрди.
Аскар қайти бориб унга хатни кўрсатди. Абу Мусо лашкар олдида қасосини олиши учун тайёр бўлиб ўтирди. Шунда лашкар осмонга қараб бир ҳайқирди-да:
-   Эй Аллоҳ! Мен уни Сен учун афв қилдим! – деб қасосдан воз кечди.
Ислом динида адолат қилишлик Ҳақ учун аниқлик асосида ҳар томонлама эътибор беришни ва адолатга тўла риоя қилиш билан зулмни бартараф қилишни тақозо қилади.
Ҳар бир масъул шахсга ўзига топширилган ишда тўлиқ жавобгар эканлигини доимий равишда ҳис қилиб туришни вожиб қилади. Натижада ҳақ учун, адолат учун энг тўғри ва холис ёндошишликни тақозо қиладики, токи ҳукм қилишда ошириб ҳам юбормасин, камитиб ҳам қўймасин.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Қиёмат куни волийлар келтирилади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Сизлар ердаги халифаларим (бандаларим)нинг етакчилари, мулкимнинг жавобгарларимидингиз?”
Сўнг уларнинг биридан: “Сен нима учун бандаларимни буюрилган ҳаддан ортиқча урдинг?” деб сўрайди. У: “Эй Раббим! Улар Сенга осийлик қилишган ва Сенга хилоф қилишган эди” деб жавоб беради.
Сўнг яна биридан: “Сен нима учун буюрилган ҳаддан кам жазоладинг?” деб сўрайди. У: “Эй Раббим! Мен уларга раҳм қилдим” деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Сен қандай қилиб Мендан ҳам кўра раҳмлироқ бўлурсан?! Зиёда қилганни ҳам, кам қилганни ҳам тутинглар! Уларни жаҳаннамнинг тубига ташланглар!” дейди”.
 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Уч кишининг дуоси рад қилинмас: одил подшоҳнинг; рўзадорнинг, ифтор қилгунича; мазлумнинг дуоси. (Уларнинг дуолари) булутларга юкланур, унга осмоннинг эшиклари очилур”.
Бизларга етиб келган ривоятларга кўра одил ҳакамлар зулм бўлиб қолмаслиги учун ишларини ниҳоятда синчковлик билан тадқиқ қилганларки, уларга эргашмоғимиз, уларнинг равияларида юришимиз лозим бўлади. Шоядки Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ризоси ва раҳматига эришсак.


Қизим Фотима ўғирлик қилса...
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Фатҳ ғазотида махзумийлардан бўлган бир аёл ўғирлик қилди. Қурайшликлар ундан ташвишга тушиб қолишди. “Ким уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўради?” дейишди. “Унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳбуби Усома ибн Зайддан бошқа ким ҳам журъат қилур эди” дейишди.
Усома ибн Зайд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб у ҳақда гапирди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб кетди ва:
“Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган ҳадда шафоқтчилик қилурмисан?!” дедилар. Шунда Усома:
“Эй Аллоҳнинг расули! Менинг гуноҳимни сўраб беринг?” деди.
Хуфтон вақти бўлганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба ўқидилар. Аллоҳнинг Зотига лойиқ сано айтдилар. Сўнг:
“Аммо баъд. Сиздан аввалгилар ашрофлари ўғирлик қилса уни тарк этиб, заифлари ўғирлик қилса унга жазо қўллаганликлари учун ҳалок бўлдилар. Мен эса, жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилса ҳам, албатта қўлини кесурман!” дедилар.


Омонатга олинган маржон
Али ибн Абу Толибнинг қизи Зайнаб зийнатланиш ва безанишни ирода қилди. Мусулмонларнинг байтул-молида қимматбаҳо марварид маржон бор эди. Батул молнинг раҳбари ибн Абу Рифоъанинг олдига бориб, уч кунлик хайит кунларида тақиб туриб, яна байтул молга қайтириб бериш учун маржонни сўради. Ибн Абу Рифоъа уни берди.
Маржонни тақиб юрган эди, Али разияллоҳу анҳу кўриб қолди. Кўзларидан ғазаб ўти чақнаб:
-   Бу маржон сенга қаердан келиб қолди?! Уни сенга ким берди?! – деди.
Зайнаб қўрққанидан ранглари оқариб:
-   Мен уни Абу Рифоъадан хайит кунларида уч кунгина тақиб, яна қайтариб беришлик учун олган эдим, - деди.
Мўминларнинг амири ҳазрат Али разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг молини кўз қорчиғидай асрар ва ниҳоятда адолатда бўлар эдилар, ибн Абу Рифоъани чақиртирди. Унга ғазаб қилди ва:
-   Бошқа мусулмонларнинг қизлари қолиб, менинг қизимгагина маржон беришни сенга ким буюрди?! Ёки мусулмонларнинг молини хоҳлаганингча тасарруф қилишга улардан рухсат олганмисан?! – деди.
-   Эй мўминларнинг амири, у сизнинг қизингиз-ку? – деди у. Аммо унинг бу хайрихоҳлиги ҳазрат Алининг ғазабини пасайтира олмади ва қаноатлантирмади.
-   Шу қизим қиёмат кунида мени азобдан сақлаб оладими?! Менинг гуноҳимни ўзига юклай оладими?! – деди.
-   Йўқ, эй мўминларнинг амири.
-   Дарҳол маржонни олиб, байтул молга топшир! Яна шундай ҳолат такрорланса, мен сени жазолайман!
Маржонни қайтариб олиб, ўрнига қўйдилар.

Эҳтиёжингдан ортиғи мумкин эмас!
   Ривоят қилинишича ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бошқа мусулмонларга бергани каби биродари Уқайлга ҳар куни оиласига кифоя қилгулик арпа берар эди. Лекин Уқайл ҳар куни ўзига берилган арпадан озроқ ажратиб, тўплаб қўяр эди. Ўша тўплаганлари кўпайиб бир мунча бўлиб қолгач, пулига хурмо ва ёғ сотиб олиб, фарзандлари яхши кўрган егулик – ҳариса (ҳолвайтар) тайёрлади. Бемор тузалиб кетишга қандай иштиёқ қилса, улар ҳам ҳарисага шундай иштиёқ қилишар эди.
   Сўнг Али разияллоҳу анҳуни ҳам байрамона дастурхонга таклиф қилишди. Таом дастурхонга келтирилгач, ҳазрат Али сўради:
-   Бу қаердан келди?
-   Биз ҳар куни улушимиздан озгина ажратиб тўплаб қўяр эдик, шунга хурмо ва ёғ сотиб олиб тайёрладик, - дейишди.
-   Шундан ортиб қолгани сизларнинг кундалик озуқангизга кифоя қилдими? – сўради Али разияллоҳу анҳу.
-   Ҳа, кифоя қиляпти.
   Шундан сўнг Али каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг кундалик улушидан ўша миқдорда камайтириб қўйди. Уқайл эртаси куни одатига кўра улушини олгани борган эди Али разияллоҳу анҳу ўша миқдорни кам ўлчаб берди ва:
-   Сизларга ҳожатингиздан зиёда беришга ҳаққим йўқ. Мусулмонларнинг моли менинг ўз мулким эмаски, ўз ихтиёримча сарфласам, - деди.
   Уқайлнинг юзида ғазаб ифодаси пайдо бўлди. Ҳазрат Али темирни қиздириб, Уқайлнинг юзига яқинлаштирди. Уқайл қиздирилган темирнинг иссиқ ҳароратига чидай олмай дод-вой қила бошлади. Шунда ҳазрат Али айтди:
-   Темирнинг қизиғига шунчалик тоқат қила олмаяпсану, сизларга ҳожатингиздан ташқари улуш бериб, бизга жаҳаннам азоби бўлишини раво кўрмоқчимисан?!
Уқайл қаттиқ ғазабланиб ўшқирди:
-   Менга мевалар едириб, тилла берадиган инсоннинг олдига бораман! – деб, Муовия разияллоҳу анҳунинг олдига кетиб юборди. Унинг олдида бир қанча муддат турди. Муовия одамларга:
-   Уқайл ўз биродари қолиб, бизни ихтиёр қилибди. Биз унинг биродаридан яхшироқ эканмиз – деди.
Уқайлга бу гап етиб борди. У келиб Муовияга айтди:
-   Биродарим Али менинг охиратим учун сендан яхшироқ. Сен менинг дунёлигим учун яхшисан. Мен дунёлигимни устун қўйибман. Энди Аллоҳдан сўрайман, охиримни яхши қилсин!


Байтул молга топшир
   Бир куни ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу уйига келиб, хотинидан егулик сўради. Аёли озроқ ширинлик ҳозир қилди. Бу нарсалар қаердан келганини сўраган эди, аёли:
-   Кундалик озуқамиздан озроқ миқдорда ун, ёғ ва асалдан тежаб қолиб, жамғариб қўйган эдим. Кўпайиб қолган экан, шуларни тайёрладим, - деб жавоб берди.
-   Сен озуқамиздан тежаб қолган бўлсанг, кундалик егулигимиз камлик қилиб қолмадими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ.
-   Ундай бўлса бу бизга ортиқчалик қилар экан. Демак уни ейишга бизнинг ҳақимиз йўқ. Тур! Бориб байтул-молга уни топшириб кел!
Бу ҳақда ҳофиз Иброҳим байт битган экан:

   Халифа ўзи очдур, дунё оёқ остида,
   Зоҳидлик мақомидур, Тангри унинг дўсти-да!

   Бир кун унинг аёли ширинлик қилди ҳозир,
   Сўроқлади: “Бу қайдан бизларга келди, гапир?”
   
   Аёл деди: “Ҳар куни егуликлардан тежаб
   Жамғариб борган эдим, кўпайиб қолмиш, ажаб.

   Шулардан ҳолва қилдим, сарфлаб маҳоратим.
   Сиз севган таомларни тайёр қилиш одатим”.

   Умар деди: “Тежасанг камидими егулик?
   Уйимизда бўлдими очлик деган кўргулик?

   “Йўқ, ҳаммаси жойида” жавоб қайтарди аёл.
   Умар дер: “Ундай бўлса, сўзларимга қулоқ сол.

   Ўша ортиб қолгани эҳтиёждан ташқари,
   Уни олиб йўлга туш тезда байтул-мол сари”.

Адолат барчага баробар
Ислом тарихида адолатнинг улкан тимсоллари намоён бўлган. Шулардан бири қуйидаги ҳикоямизда ўз аксини топади.
Бир аёл қози Шурайк ибн Убайдуллоҳнинг олдига шикоят билан келди. Унинг айтишига кўра аёл бўстонини халифанинг амакиси, амир Мусо ибн Исога сотмаганани учунамир хизматчисига амр қилди боғининг ҳудудидини буздириб ташлаган эди.
Қози аёл билан ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун мажлисга амирни чақиртирди. Амир бу ишга ўзининг номидан вакил қилиб миршабларнинг бошлиғини жўнатди. Қози эса миршабларнинг бошлиғини қаматиб қўйди. Амир буни эшитиб, одамларини жўнатди. Улар келиб қозини айблай бошладилар. Шунда Шурайк:
-   Нима учун амир ҳукм мажлисида иштирок этишга беписандлик қилади? Ё қозилар ҳаммага ҳар хил ҳукм чиқаради деб ўйлаяптими? Адолат амир ва фуқаро учун баробар бўлади! Ҳукм ишига аралашганингиз учун сизларга ҳам жазо қўллашга тўғри келади! – деб уларни ҳам қамаб қўйди.
   Бу воқелардан хабардор бўлган амир отига миниб соқчилари билан қамоқхонага келди ва зўрлик қилиб, мазкур ҳибс қилинганларнинг ҳаммасини қамоқдан чиқартириб юборди. Шунда қози дарҳол Бағдодга – халифанинг олдига, қозилик вазифасидан озод қилишини сўраб сафарга отланди. Бориб халифага:
-   Аллоҳга қасамки, мен аббосийлардан қозиликни сўраб олган эмасман, мени мажбур шу лавозимга қўйишган! Балки ўзлари агар қози бўлсак, ҳар бир аҳкомда эркинлик билан адолатни қарор топтиришимизга ваъда беришган. Энди эса, модомики биз омонатни адо қилишликда шунчалик ожиз эканмиз, ҳукм чиқариш билан шуғуланишга бошқа йўл қолмади! – деди.
   Халифа унинг ишга қайтишини илтимос қилиб шундай деди:
-   Сен боравер. Кимларни ҳибс қилишга буюрган бўлсанг, қайтадан ҳибс қилишингга рухсат бераман.
Шундан сўнг амир ҳибсга олинишга ва ҳукм мажлисида шахсан ўзи айбдор сифатида қатнашишга мажбур бўлди. Қози Шурайк боғни аёлга қайтариб бериб, бузиб ташланган ҳудудни аввалгидек қилиб қайта тиклаб беришликка ҳукм қилди. Ҳукм ижро этилди.


Абу Ҳанифа қозиликни рад этди
Абу Жаъфар Мансур имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини қозилик вазифасига таклиф қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таклифни рад этиб:
-   Қозилик амир ва қўмондоннинг устидан ҳукм чиқаришга кучи етмайдиган кишига раво эмас. Менинг эса бунга кучим етмайди, - деди.
Абу Жаъфар узрни қабул қилгандай бўлди. Бироқ бир мунча вақт ўтгандан сўнг яна шу таклифни қилди ва албатта қозилик лавозимини қабул қилишлигига қасам ичди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса қабул қилмасликка қасам ичди.
-   Халифа қасам ичса, сиз ҳам қасам ичасизми? – дейишди.
-   Мўминларнинг амири қасамининг каффоратини тўлашга мендан кўра қодирроқ, - деди.
Халифа жазо қўлламоқчи бўлган эди, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ:
-   Аллоҳга қасамки, мен ризодан омонда бўлмасам, ғазабдан қандоқ омонда бўлай? Агар қозиликни қабул қилмасам мени Фуротга ғарқ қилишликка фармон қилсанг, Фуротга ғарқ бўлишликка рози бўлур эдим. Сенинг атрофингда илтифотингга муҳтож кишилар тўлиб-тошиб ётибди, бироқ улар унга лойиқ эмаслар! – деди.

Халифанинг таъминоти
Ҳазрат Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифаликни қабул қилганида эрта тонгда елкасига каттагина хуржунини осиб йўлга чиқди. Йўлда Умар разияллоҳу анҳуга дуч келди. У сўради:
-   Эй Аллоҳнинг расулининг халифаси, йўл бўлсин?
-   Бозорга, - жавоб берди халифа.
-   Мусулмонларнинг ишларига жавобгар бўлиб қолган бўлсангиз бозорда нима қилурсиз?
-   Бола-чақамни қандай боқаман? Агар мен оиламнинг ҳақларини зоеъ қилсам, демак мусулмонларнинг ҳақларини зоеъ қилган бўламан.
   Умар разияллоҳу анҳу халифалик ишлари ва шаҳар ислоҳотига вақт ажратиш мақсадида унинг ўзи ва оиласининг озиқ-овқати масаласини кўриш учун масжидга боришни таклиф қилди. Масжидда Абу Бакр ва Умар байтул молнинг назоратчиси Абу Убайда ибн Жарроҳ ва бошқа кибор саҳобаларни (разияллоҳу анҳум ажмаъин) тўплаб маслаҳат қилишди. Натижада Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ўзига ва аҳлига кифоя қилгудек озиқ овқат билан таъминлашни жорий қилдилар.

Ҳаром луқма
   Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ғуломи бор эди. Бир куни у егулик олиб келди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўша таомдан бир луқма еди.
-   Кечаси билан мени сўрабсиз, нега сўраган эдингиз? – савол берди ғулом.
-   Очлик сабабидан сўраган эдим. Бу таомни қаердан олиб келдинг? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
-   Мен жоҳилият даврида бир кишига фол очар эдим. Бироқ ўзим асли фолбин эмаслигимдан ва фол очишни яхши эплай олмаганлигимдан мен уни алдар эдим. Бугун ўша кишини кўриб қолган эдим, мана шу Сиз еяётган таомни берди.
   Шу заҳоти Абу Бакр разияллоҳу анҳу қўлини ҳалқумига тиқиб, еган луқмасини қайтариб чиқариб юборди. Бунинг боисини сўраган эди:
-   Аллоҳга қасамки, агар шу луқма жоним билан қўшилиб чиқса ҳам чиқармай қўймас эдим! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳаром ўсган тан дўзахга лойиқдир” деганларини эшитганман. Мен шу луқма билан танамга ҳаром аралашиб қолишидан қўрқдим, - деб жавоб берди.

Адолатли ҳукм
   Икки киши низолашиб қолиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Жаноб уларнинг орасида ҳукм қилдилар. Улардан бири бу ҳукмдан норози бўлиб:
-   Орамизда ҳукм қилгани Умарнинг олдига борамиз, - деди. Улар боришди ва наригиси айтди:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг фойдамга ҳукм қилган эди бу ҳукмдан норози бўлиб Сизинг ёнингга етаклаб келди, - деди. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Шундайми? – деб сўради.
-   Ҳа, - деди нариги киши. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Шу жойингизда туриб туринглар, мен ҳозир чиқаман, - деб қилич кўтариб чиқди. Ҳукмга норози бўлганга қилич солди. Омон қолгани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, Умар соҳибимни ўлдириб қўйди, - деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Мен Умар Мўмин кишини ўлдиради деб гумон қилмайман, - дедилар. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди:
فَلاَ وَرَبِّكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىَ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجاً مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسْلِيماً
   “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо. 65)
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтулнинг хунини бекор қилдилар ва Умар разияллоҳу анҳу айбсиз деб топилди.


Мени афзал кўрдинг
   Умар ибн Хаттоб халифалик даврида бир яҳудий Али разияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилиб келди. Умар разияллоҳу анҳу уларнинг орасида ҳукм қилиш асносида яҳудийга унинг исми билан хитоб қилди, ҳазрат Алига эса доимий одатига кўра “Эй Абу Ҳасан” деб куняси билан хитоб қилди. Шу пайт Али разияллоҳу анҳунинг чеҳрасида ғазаб аломати зоҳир бўлди.
-   Сенинг хусуматчинг яҳудий бўлганлиги, ҳукм ижро қилишда у билан баробар бўлишлик сенга ёқмаяптими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ,  лекин мен орамизда тенглик қилмаганингдан ғазабланяпман. Чунки сен унга исми билан хитоб қилдинг. Менга эса куням билан хитоб қилиб, мени ундан афзал кўрдинг.


Обрўли одамнинг ўғли
   Амр ибн Ос Мисрга волий бўлиб турган пайтида унинг ўғли Миср аҳолисидан бўлган бир кишини урди. Мисрлик мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга устингдан шикоят қиламан, деб қасам ичди. У эса:
-   Боравер, менга ҳеч нарса қилмайди. Мен обрўли одамнинг ўғлиман! – деди.
Ҳаж мавсуми бўлиб, Умар разияллоҳу анҳу ўз хослари билан бирга эди, жумладан Амр ибн Ос ва унинг ўғли ҳам бор эди, ҳалиги киши келиб Умар разияллоҳу анҳуга юзланди:
-   Эй мўминларнинг амири! Мана бу киши мени урди, - деб Амр ибн Оснинг ўғлини кўрсатди, - Устидан Сизга шикоят қилишимни айтсам, “Боравер, менга ҳеч нарса қилмайди. Мен обрўли одамнинг ўғлиман!” деди.
Умар ибн Хаттоб Амр ибн Осга қаради:
-   Қачондан буён оналаридан ҳур туғилган инсонларни қул қилиб оладиган бўлиб қолдиларингиз?!
Сўнг мисрликнинг қўлига дарра бериб:
-   Ур, обрўли одамнинг ўғлини, сени қандай қилиб урган бўлса! – деди.


Мазлумнинг дуоси
   Муовия ибн Абу Суфён халифалик даврида Мадина шаҳрининг ҳокими Марвон ибн Ҳакамга Увайснинг қизи Арво Аллоҳ таоло жаннат башоратини берган Саъид ибн Зайднинг устидан шикоят қилиб келди.
-   У менга зулм қилди. Мени рози қилсин, - деди. Марвон Саъид ибн Зайдни чақиртирди. У:
-   Сен мени зулм қилади деб ўйлайсанми? Ҳолбуки, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким зулм билан бир қарич ерни олса, Аллоҳ қиёмат кунида етти қават ердан гарданига қўйиб қўяди” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ! Агар у хотин ёлғон гапирган бўлса, токи кўзи кўр бўлмагунча ўлдирма! Қабрини қудуғида қилиб қўй! – деди.
   Кунлар ўтди. Ўша аёлнинг кўзи кўрмай қолди. Ҳовлисида айланиб юриб қудуғига тушиб кетди. Ўша қудуқ унга қабр бўлиб қолиб кетди.
   
   
Гўдакларга нафақа
   Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу одатига кўра раъиятнинг ҳолидан хабар олиш учун айланиб юрар экан, бир ҳовлининг рўпарасига келганида чақалоқнинг йиғиси унинг эътиборини тортиб, ўша жойда бир оз тўхтаб қолди. Бола уйқусираб йиғлаётган бўлса, энди тўхтаб қолар деб биро оз кутса-да, ҳадеганда тўхтамади. Охири одоб ила оҳисталик билан эшикни чертишга мажбур бўлди. Дарвозанинг қаноти очилгач илтифот ва шафқат билан савол берди:
-   Эй, чақалоқнинг онаси! Гўдакнинг йиғиси мени ташвишга солди. Мен сенга кўмак бермоқчиман.
-   Эй жаноб, мурувватингиз учун Сизга ташаккурлар бўлсин. Умар гўдакларга байтул молдан улар сутдан ажрамагунча нафақа тайин қилмаган. Шунинг учун ўта муҳтожлигимиз ва фақирлигимиздан сутдан чиқариш вақти келмаган бўлса ҳам, зарурат учун гўдагимни сутдан ажратдим, - жавоб берди аёл.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни эшитиб ўзини маломат қилиб, масжид томон юзланди. Тонггача масжидда қолиб, тасбиҳ ва истиғфорлар айтиб ўзини ўзи койиб чиқди: “Эй Умар, ҳолинга вой! Эй Умар, қанча-қанча мусулмонларнинг гўдакларини ҳалок қилдинг! Раббинг сени сўроқ қилса, ҳолинг не кечади?! Сен бу уммат олдида ҳақиқатни қарор топдирдингми, ҳолбуки уларнинг тадбирларига эгалик ва ишларига вакиллик сенинг гарданингда бўлса?! Байтул молдан шунча одамларга нафақа тайинлаб, эмизиклик гўдакларга тайинламаганинг учун нима деб жавоб берасан?!”
Шу ҳолда бир амаллаб тонг оттирди. Бомдод гамозида имомлик қилиб намозни адо қилиб бўлгач, кун ёғдуси тарқалмасдан бурун жарчиларнинг овозлари янграй бошлади:
-   Гўдакларингизни сутдан чиқаришга шошилманглар! Халифа ҳар бир туғилган чақалоққа туғилган кунидан бошлаб нафақа тайинлади!


Рибъий ибн Омир
Қодисия фатҳидан олдин Саъд ибн Абу Ваққос Рибъий ибн Омирни форс лашкарининг қўмондони Рустамга элчи қилиб юборди. Қўмондон дабдабали мажлисда олтиндан бўлган тахт устида ўтирган эди. Рибъий ибн Омир фақирона кийимда ва кўримсиз отда қалқон кўтариб кириб келди. Рустам болишига ўтирганча найзасига суяниб кутиб олди. Рибъий жамоат орасини ёриб ўтди.
-   Нима сабаб билан келдинг? – сўради Рустам. Рибъий жавоб берди:
-   Аллоҳ таоло бизларни Ўзи истаган кимсаларни бандаларига ибодат қилмасдан Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга, дунёнинг торлигидан кенглигига чиқариш ва ботил динларнинг зулмини парчалаб ташлаб Ислом адолатини тиклаш учун юборди!


Жабала ибн Айҳам
   Ғассоний подшоҳларнинг бири бўлган Жабала ибн Айҳам Ислом динини қабул қилганидан кейин Каъбани тавоф қилаётган эди, тавофчиларнинг бири беҳосдан унинг изорининг этагини босиб олди. Жабала унга ғазаб билан ўқрайиб қаради ва юзига тарсаки туширди. Тавоф қилаётган киши:
-   Сенинг устингдан мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобга шикоят қиламан! – деди.
Бу гап тарқаб Умар разияллоҳу анҳугача етиб борди. Халифа уларни чақиртириб Жабаладан сўради:
-   Сен бу кишининг юзига тарсаки солганинг ростми?
-   Ҳа. Агар Аллоҳнинг байтида бўлмаганимда эди, қиличим билан бурнин кесган бўлур эдим! – жавоб берди Жабала.
-   Нега?
-   Чунки мен Байтни тавоф қилаётганимда у менинг изоримни босиб олди.
-   Иккита шартдан бирини танла – ё узр сўраб уни рози қиласан, ёки буюраман, у сенга тарсаки туширади?
Умар разияллоҳу анҳунинг ҳукмидан ғассоний подшоҳ даҳшатга тушди:
-   Сен қандай қилиб иккаламизни баробар кўряпсан, мен шоҳ у эса оддий авом бўлса?!
-   Ислом иккалаларингизни баробар қилган. Шоҳ билан авомнинг ўртасида фарқ йўқ! – жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ундай бўлса менга фурсат бер, ўйлаб олай.
   Умар разияллоҳу анҳу унга уч кун муҳлат берди. Аммо у тунда мулозимлари билан бирга Рум ўлкасига қочиб кетди. Бироқ у кейинчалик бу қилмишидан надоматда қолди. Ҳатто пушаймон бўлганини ифода қилгувчи байтлар ҳам битган.

   Шапалоқдан ор қилиб шарафимни сақладим.
   Бироқ сабр айласам не зарари бор эди.

   Димоғдорлик, кеккайиш ўраб олиб кўзимни
   Қалбим кўзи кўр бўлди, тафаккурим тор эди.
   
   Кошкийди туғилмасам, бу дунёга келмасам!
   Умарга қулоқ солсам толеъ менга ёр эди.


Халқ дарди билан ҳамнафас
   Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида тўлиқ тўққиз ой давомида мутлақо ёғингарчилик бўлмаганлиги оқибатида Арабистон ярим оролида икки йил мусулмонлар учун оғир машаққат йиллари бўлди. Бу давр мобайнида хўлу-қуруқ, экин-тикин ва чорва ҳайвонлари ҳалок бўлди. Қанча-қанча яхши инсонлар оламдан ўтишиб кетди. Ердан гиёҳ унмай қолди. Ўт-ўлан қуриб кетди. Бу йиллар қурғоқчилик йиллари деб номланди.
   Умар разияллоҳу анҳу Ироқ ва Шом ўлкаларининг волийларига Арабистон ярим ороли аҳолисига ёрдам беришини сўраб чопарлар юборди. Фаластин волийси Амр ибн Осга мактуб жўнатди: “Ассалому алайка. Аммо баъд. Менинг ва менинг атрофимдаги мусулмонларнинг тинка-мадоримиз қуриди. Сен ва сенинг атрофингдагилар маишатдасиз. Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!”
   Шундан сўнг атроф шаҳарлардан кемаларда унлар, мойлар кела бошлади. Озиқ овқатни тарқатиш билан шахсан халифанинг ўзи шуғулланди. Ҳар ерларга назорат учун вакилларини жўнатди.
   Умар разияллоҳу анҳу токи одамларга омонлик етмагунча ҳаргиз гўштли ва ёғли нарса емасликка қасам ичган эди, токи Аллоҳ таоло осмондан ёмғир ёғдириб эл-юртга мўл-кўллик бўлгунча аҳдида собит турди. Мўминларнинг амри: “Токи халқнинг бошига тушган кўргуликни ўз танамда тотиб кўрмасам, раҳбарлигимда маъно бўлурми?” дер эди.


МЎМИНЛАРНИНГ АМИРИ
   Умар разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг ҳолларини билиш учун кечаси айланиб юрар экан, кийгиздан қилинган қора уй олдидан ўтиб қолди. Яқинроқ борган эди ичкаридан аёл кишининг инграган овози эшитилди. Бир эркак безовта бўлиб ўтирибди. Ундан нима гаплигини сўради.
-   Хотиним тўлғоқ тутиб ётибди, - жавоб берди киши.
-   Ёнида бирор кимса борми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ҳеч ким йўқ, - жавоб берди киши.
   Умар разияллоҳу анҳу уйига бориб хотини – Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг қизи Умму Гулсумдан:
-   Аллоҳ учун савоб иш қилурмисан? – деб сўради.
-   Нима иш экан?
-   Бир аёл тўлғоқ тутиб ётибди. Ёнида ҳеч ким йўқ экан.
-   Майли, Сиз шуни хоҳласангиз.
-   Ўзинг билан керакли нарсаларни ол. Менга қозон билан мой ва арпа уни олиб кел.
Умму Гулсум разияллоҳу анҳо барча айтилган нарсаларни ҳозирлади. Халифа ўзи қозонни кўтариб йўлга тушишди. Етиб борганларидан сўнг Умму Гулум ичкарига кириб кетди. Ҳазрат Умар хонадон соҳибидан олов сўради. Соҳиб олиб келди. Умар разияллоҳу анҳу ўзи оловни пуфлаб туташтирди. Ҳатто соқолига олов таъсир қилди. Ниҳоят онанинг кўзи ёриб, чақалоқ туғилди. Умму Гулсум ичкаридан бош чиқариб хабар берди:
-   Эй мўминларнинг амири, отасига хушхабар бераверинг, ўғил туғилди!
“Мўминларнинг амири” деган хитобни эшитиб хонадон соҳиби хижолатда ташвишга тушиб қолди:
-   Вой шармандалик! Сиз халифа Умар эдингизми? Шундай ҳам қиласизми?
-   Эй араб биродарим! Кимки мусулмонларнинг ишларида бошчилик қилар экан, халойиқнинг каттаю-кичик ишларида кўмалашиши зарур. Чунки у шунга масъулдир. Кимки ғафлат бўлса, дунё ва охиратда хусронда қолгай! – деди Умар разияллоҳу анҳу.


МИСР ОМИЛИ
Умар разияллоҳу анҳу масжидди ўтирган эди бир киши келиб:
-   Эй Умар, дўзах азобидан шўринг қуриди! – деб ўтиб кетди.
Умар разияллоҳу анҳу уни чақиртирди ва нега бундай деганининг сабабини сўради.
-   Закот йиғувчи омилларингни жўнатиб, шартнома қиласан, лекин назорат қилмайсин. Сенда шартномага вафо қилиш борми, ўзи?!
-   Нима демоқчисан? – сўради мўминларнинг амири.
-   Мисрга омил жўнатиб шартнома қилгансан. У эса сен буюрганингни қилмай, буюрмаганингни қиляпти.
   Халифа ҳақиқатни суриштириш учун ансорлардан икки кишини юборди. Улар бориб суриштиришган эди, айтилган сўз ҳақ экани аниқланди. Уни тутиб Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига олиб келишди. Омил кириб салом берди.
-   Сен кимсан? – сўради халифа. Чунки у қорачадан келган эди, Мисрнинг соя-салқинида анчагина оқариб қолган экан.
-   Мен Мисрнинг омили фалончиман.
-   Шўринг қурғур, сен мен ман қилган ишларни қилиб, буюрган ишларимни қилмадингми?! Аллоҳга қасамки, мен сенинг адабингни бериб жазолайман! – сўнг ходимларга юзланди: - Менга жундан тўқилган кийим, таёқ ва садақага йиғилган қўйдан уч юз бошини келтиринг! Бана бу пўстинни кий! Мен отангни кўрганман, бу пўстин, ҳар ҳолда унинг пўстинидан тузукроқ. Мана бу таёқни ол, у ҳам отангни таёғидан кўра дурустроқ. Манави қўйларни етаклаб фалон жойга бориб, шундай жазирама кунларда уларни боқ! Йўловчиларга сутларидан бер!
У энди кетишга шайланган эди, қайтариб сўради:
-   Мен сенга нима деганимни англадингми?
Омил ерга ётиб ёлборди:
-   Эй мўминларнинг амири! Хоҳласангиз бошимни олинг, бироқ бу менинг қўлимдан келмайди...
-   Агар сени яна қайтариб ўз ишингга жўнатсам қандай хизмат қиласан?
-   Аллоҳга қасамки, бундан кейин Сизга фақат Сизни хурсанд қилгувчи харгина келур!
   Умар разияллоҳу анҳу уни ўз ишига қайтарди. У ҳам ваъдасига содиқ қолиб, яхши инсон бўлди.


ЯМАН ҲОКИМИ БОЗОННИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ
   Кисро ўзининг Ямандаги ҳокими Бозонга хат ёзди: “Менга етган хабарларга кўра Маккадан бир  қурайший киши чиқиб пайғамбарлик даъвосини қилаётган эмаш. Тезда ўша жойга бор. Унга тавба қилишни буюр! Тавба қилса қилди, бўлмаса менга унинг бошини келтир!”
   Бозон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мазкур хатни жўнатди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хатига жавоб юбордилар: “Менга Аллоҳ Кисронинг фалон ойнинг фалон кунида қатл қилинишини ваъда қилди”.
   Жавоб хати етиб келгач Бозон хатни ўқиб, унга қараб туриб қолди. Сўнг:
-   У ҳақиқатан пайғамбар бўлса, ҳадемай унинг айтгани бўлур.
Дарҳақиқат Кисро ўша айтилган кунда қатл қилинди. Бу хабарни эшитиб Бозон Исломнин қабул қилди. У билан бирга бўлган форсийлар ҳам мусулмон бўлишди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўрашди:
-   Биз энди кимларданмиз, эй Аллоҳнинг расули?
-   Сизлар бизлардандурсизлар! Сизлар бизларга аҳли байтсизлар, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Тангри бир, ота бир, дин бир!
Ривоят қилишларича Қайс ибн Мутотия Салфон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабашийлар ўтирган ҳалқага келиб:
-   Бу Авс билан Ҳазраж анови кишига (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб айтган) ёрдам бериб турибди. Аммо мановиларга нима бор? Булар форс, рум, ҳабаш бўлишса?!
Қайс бу билан пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам араблардан бўлганлиги учун, бир қавмдан эканлиги эътиборидан Авс  билан Ҳазраж ёрдам бериб турибди. Аммо форс, рум ва ҳабашийларнинг ёрдам беришидан муддаолари нима экан дер эди.
Муоз ибн Жабал гартта ўрнидан туриб унинг ёқасидан ушлаб пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига етаклаб олиб борди ва унинг сўзларини етказди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб кетдилар. Сўнг ридосидан судраб масжидга олиб бодилар. Одамларни намозга чорладилар. Одамлар тўплангача шундай дедилар:
-   Эй инсонлар! Тангри бирдур! Ота бирдур! Дин бирдур! Араб бу сизлардан бирортангизнингга ота ёки она эмас, балки у бир тилдур. Бас шундай экан, кимки араб араб тилида гаплашса, у арабдур!
Муоз разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу мунофиқни нима қилишга бурасиз? – деб сўради.
-   Уни то дўзахга тушгунча қўявер, - дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Алал-оқибат Қайс муртад бўлиб қатл қилинганлардан бўлди.


“Гуноҳимга каффорат”
   Бир куни саҳобаларнинг энг яхшилари ва тақводорроғларидан бири Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўзининг занжий қули билан айтишиб қолиб жаҳл устида:
-   Эй қора танлининг боласи! – деб юборди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб кетдилар.
-   Оқнинг боласининг қоранинг боласидан тақво ва яхши амалдан бошқада афзаллиги йўқ! – дедилар.
Абу Зар дарҳол ўрнидан турди-да, юзини ерга қўйиб қулига:
-   Юзимни, бос! Токи қилган гуноҳимга каффорат бўлсин! – деди.


Айб ахтарма!
Сулаймон ибн Абдулмаликнинг ҳузурига бир киши келиб:
-   Эй мўминларнинг амири, бир маслаҳатли иш бор, - деди.
-   Қандай маслаҳат экан? – сўради Сулаймон.
-   Фалончи Зайдга, Валидга ва Абдулмаликка закот йиғувчи омил бўлган. Улар вакил қилган ишларда хиёнат қилиб, бир қанча мол-мулкни ўзлаштириб олган. Уни ишдан бўшатишга буюринг.
-   Мен унинг ишлари ва зоҳиридан билишимча сен ундан кўра ёмонроқ ва фирибгарроқсан! Маслаҳатчиларга нисбатан нафрат бўлиб қолишидан қўрқмаганимда эди, сени жазолаган бўлур эдим! Учта шарт қўяман, хоҳлаганингни танла!
-   Майли, айтинг, эй мўминларнинг амири!
-   Хоҳласанг сен айтганларингни тафтиш қиламан, сўларинг рост бўлса, сендан нафратланамиз, ёлғон бўлса сени жазолаймиз. Хоҳласанг сени авф қиламиз.
-   Авф қила қолинг, эй мўминларнинг амири.
-   Хўп, шундай қиламан. Энди бундан кейин Аллоҳ беркитиб, парда тортиб қўйган мурувват аҳлини ковлаштирма!


Омонатга хиёнат қилган киши
Бир киши молини сақлаб туриш учун бошқа бир кишига илтимос қилди. Вақти келиб омонатни сўради. У эса олганини мутлақо инкор қилди. Улар низони ҳал қилиш учун қози Иёс ибн Муовиянинг ҳузурига боришди.
-   Мен унга омонатини фалон жойда берганман, - деди даъво қилгувчи. Қози сўради:
-   Ўша жойда нима бор эди?
-   Дарахт.
-   Ундай бўлса ўша жойга бор. Ана шу дарахтга назар сол. Ажаб эмаски, Аллоҳ таоло сенинг талаб қилаётган ҳаққинггни эсингга солса. Балки сен ўша дарахтнинг остига кўмиб, ёдингдан кўтарилиб қолган бўлса  ўша дарахтни кўрганингда эсингга келиб қолар, – сўнг омонатни олганга айтди: - У киши келгунча сен шу ерда кутиб тур.
   Улар кутиб ўтиришди. Бир соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин сўради:
-   Нима деб ўйлайсан, ўша дарахтинг ёнига етиб бордимикин?
-   Йўқ, ҳали етиб боргани йўқ, - жавоб берди омонатни олган киши қозининг тадбирини билмасдан. Шунда Иёс айтди:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Сен хоинсан!
-   Мени кечирининг, Сизни ҳам Аллоҳ хатоларингизни авф қилсин! – омонат олган киши хиёнатига иқрор бўлиб ёлборишга тушди. Иёс уни даъвогар келгунича ушлаб туришга буюрди. Ниҳоят у келгач:
-   Омонатингни оладиган бўлдинг. У олганига иқрор бўлди, - дейишди.


Адолатга бизлар муносибмиз
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига Миср қибтийларидан бир аёл Миср волийси Амр ибн Осдан шикоят қилиб келди. Аёлнинг уйи кейинчалик “Амр ибн Ос масжиди” номи билан машҳур бўлган масжидга қўшни эди. Унинг ҳовлисининг бир қисмини масжид ихтиёрига олиб қўйганлигни айтди. Ҳазрат Умар ёнида турган сополга ушбу мазмунда мактуб ёзиб Амр ибн Осга юборди: “Биз Кисро Анушервондан кўра адолат қилишга муносиброқмиз”.
Бундан халифанинг мақсади Анушервон бино қургандаги адолатини эслатиш эди. Анушервон ўз даврида қаср қурмоқчи бўлган. Қасрнинг тўрт бурчакли шаклда чиқишига бир аёлнинг ҳовлиси халақит берган. Аёлдан ҳовлини сотишини илтимос қилишган, бироқ у таклифни рад этиб:
-   Мен подшоҳга қўшни ҳовлини олтин баробарига ҳам сотмайман. Агар мендан ғазабланса, нима чора кўрса ихтиёр ўзида.
-   Майли, ҳовлиси ўзида қолаверсин. Қурилишни давом эттираверинглар, - деди Анушервон. Натижада қасрнинг кўриниши қинғир бўлиб қолди. Буни кўрганлар бино бу билан кўркам чиқмас экан, дейишди. Анушервон эса уларга жавобан:
-   Ана шу кинғирлиги билан яна-да чиройли бўлади, - деган экан.
Бу аёлга ҳам шундай муомала қилиш тавсия қилинган эди. Аёл Мисрга келиб Амр ибн Осга салом берди. Халифанинг ҳурматини бажо қилиб мактубни боши узра кўтариб, тақдим этди. Масжид учун олинган ер қайтариб берилди. Натижада масжид биноси нотекис чиқди ва анча пайтгача ўша ҳолатда қолган. Фақат кейинчалик, анча даврлардан сўнггина муроса йўли ила бино тўғриланган.


Қози ва фаришталар
Бир мусулмон ва яҳудий низолашиб қолиб Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Ҳазрат Умар ишни кўриб чиқиб, яҳудийнинг фойдасига ҳал қилди.
-   Аллоҳга қасамки, тўғри ҳукм қилдинг, - деди яҳудий.
-   Бу билан нима демоқчисан? - сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Аллоҳга қасамки, бизлар Тавротда кўрганмиз, қачонки қози ҳақлик билан ҳукм қилса ва шу ҳақ йўлида бардавом бўлиб турса, унинг ўнг тарафида бир фаришта, чап тарафида бир фаришта уни ҳақлик ила ҳукм чиқаришга тўғрилаб, муваффақ айлаб туради. Агар ҳақ ҳукмни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб кўтарилиб кетадилар.


Умарга ён босма!
   Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб Убай ибн Каъб билан низолашиб қолдилар. Улар ўртада ҳукм чиқариш учун Умар разияллоҳу анҳунинг Мадинаи мунавварадаги қозиси Зайд ибн Собитнинг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:
-   Ассалому алайка, эй мўминларнинг амири, - деб ҳазрат Умарга салом берди. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу билан ўрталарида ҳукм чиқариш учун Умар разияллоҳу анҳуга юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтиргизди-да, яна халифага юзланиб илтифот қилди:
-   Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз..
Шунда халифанинг ғазаби қўзиб кетиб қозига:
-   Қачондан бери бунчалик ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Ассалому алайка, эй мўминларнинг амири”, “Эй мўминларнинг амри, мана бу жойга ўтиринг”, “Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз” дейсан!


Мен ҳам бир инсонман
   Икки киши бир пайтлардаги мерос масаласида тортишиб қолиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг ораларида ҳукм қилиш учун аниқ далил ва ҳужжатлар етарли эмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга айтдилар:
-   Сизлар хусуматлашиб менга келибсиз. Мен ҳам бир инсонман. Эҳтимол бирингиз ҳужжатда бирингиздан фасоҳатлироқдур. Мен эса эшитганим бўйича ҳукм қиламан. Кимгаки биродарининг ҳақидан бирор нарсани ҳукм қилиб қўйсам, уни олмасин, чунки мен унга қиёмат кунида бўйнига /астом/ бўлиб келгувчи дўзах оловидан бир парчани бўлиб қўйган бўламан.
Бу сўзларни эшитиб иккаласи ҳам йиғлашди. Иккаласи ҳам:
-   Менинг ҳақим унга бўлақолсин, - дер эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этдилар:
-   Аммо шундай десаларингиз, боринглар, тақсимот қилинглар. Сўнг ҳақликни мақсад қилиб қуръа ташланглар. Қисм-қисм қилиб иккига тақсимланг. Ана ундан кейин ҳар бирингиз соҳибингизнинг ҳаққини ҳалол қилинг.


Фарқлашни ёқтирмайман
Ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда чоғида қўй пиширишни буюрдилар. Саҳобалардан бири:
-   Эй Аллоҳнинг расули, қўйни мен сўяман, - деди. Қолгалари ҳам бирин-кетин илтифот қила бошладилар:
-   Мен терисини шиламан!
-   Мен пишираман!
-   Мен олов қалайман!
-   Биз барча хизматга кифоя қиламиз!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга марҳамат қилдилар:
-   Билдимки, сизлар менга кифоя қилар экансизлар. Лекин мен сизларни бир-бирларингиздан фарқлашни ёқтирмайман. Дарҳақиқат, бандаси асҳобларини бир-биридан фарқлашини Аллоҳ ҳам ёқтирмайди.


Умарнинг ўғлига қилган адолати
Умар ибн Хаттобнинг ўғли Абдураҳмон билан Абу Саръата Миср волийси Амр ибн Оснинг олдига шикаста ҳолатда кириб келдилар.
-   Биз ўтган кеча гуноҳ иш қилиб қўйдик. Бизларга Аллоҳ тайинлаган жазони қўллашингизни сўраймиз, - дейишди.
Миср волийси уларни койиб, ҳузуридан ҳайдай бошлаган эди, Абдураҳмон унга қаршилик қилиб:
-   Агар жазони қўлламасангиз, отамни олдига борганимда айтиб қўяман! – деди.
   Амр ибн Ос билдики, уларга жазо қўлламаганини билиб қолса халифа Умар разияллоҳу анҳу ғазаб қилиб, уни вазифасидан четлатиб юборади. Улар шу ҳолатда турганларида Умар ибн Хаттобнинг яна бир ўғли Абдуллоҳ келиб қолди. Амр ибн Ос унга пешвоз чиқиб, ушбу мажлисга таклиф қилди. Абдуллоҳ таклифни рад этиб, узрини изҳор қилди:
-   Отам киришдан бошқа чорам қолмагунча сизнинг ҳузурингизга киришимни ман қилган. Биродарим Абдураҳмонни қандай ҳолатда уришлигингиз ўз ихтиёрингизда, лекин сочини одамларнинг рўпарасида жазо учун сочини қириб юборишингиз тўғри келмайди.
   Ибн Ос уларни ҳовлининг саҳнига чиқариб дарра урдирди. Абдуллоҳ ибн Умар уларни уйнинг ичига олиб кириб сочини қирдирди.
   Амр ибн Ос айтади: “Аллоҳга қасамки, мен бу ҳақда халифага ҳеч қандай мактуб юбормаган эдим, лекин орадан ҳеч қанча ўтмай менга ундан мактуб келди. Унда шундай дейилган эди: “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим. Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амиридан Оснинг осий - гуноҳкор ўғлига. Эй Оснинг ўғли, мен сендан ва менга берган аҳдингга хилоф қилганингдан таажжубда қолдим. Сени вазифангдан озид қилишимга тўғри келади. Менинг ўғлим Абдураҳмонни уйингда уриб, сочини қирдирибсан. Ҳолбуки, бу иш менинг амримга хилоф эканлигини сен яхши билар эдинг. У сенинг қўл остингдаги бир инсон эди. Бошқа мусумонларга қўллаган чорани унга қўлламадинг. Сен уни мўминларнинг амирининг ўғли дегансан-да?! Сен яна яхши билурсанки, менинг ишимда, Аллоҳ жазони вожиб қилган кимсаларнинг ҳеч бирига кўнгилчанлик қилишга йўл қўйилмагай! Маенин мактубим сенга етиб бориши биланоқ унга або (жундан тўқилган, пўстинга ўхшаш чопон сифат иссиқ кийим) кийдириб, туяга жойлаб ҳузуримга юбор, токи қандай ёмон иш қилиб қўйганини билиб қўйсин!”
   Амр ибн Ос хатни олгач, Абдураҳмонга уни ўқиб берди ва халифа айтганидек, або кийдириб йўлга солди. Ҳазрат Умарга ўзининг узрини билдириб, Абдураҳмонни уйнинг ичида эмас, балки ҳовлининг саҳнида дарра урдирганини айтиб хат ёзди. Хатда Аллоҳ номига қасам ичиб, бошқа мусулмонларни ҳам, зиммийларни ҳам айнан ўша жойда, ҳовлисининг саҳнида жазо қўллашлигини қўшиб қўйди. Хатни Абдуллоҳдан бериб юборди.
   Мадинага етиб келганларида Абдураҳмон абода юришга қийналиб, зўрға-зўрға қадам босиб оатсининг олдига кирди.
-   Ҳой, Абдураҳмон! Шундай ишларни қилдингми?! – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
Шу жойда ҳозир бўлган Абдураҳмон ибн Авф ўртага тушди:
-   Эй, мўминларниг амири, унга бир бора жазо қўлланилиб бўпти.
   Халифа унинг сўзларини инобатга олмади, балки унга ҳам қаттиқроқ сўзлар айтди. Сўнг Абдураҳмонга бақирди:
-   Сен мени касал қилдинг! Сен мени ўлдирасан!
Кейин уни урди ва қамаб қўйди.


Яҳудий Исломга кирди
Бир яҳудий ҳазрат Али разияллоҳу анҳу билан низолашиб қози Шурайҳнинг олдига келди. Яҳудий Али разияллоҳу анҳуга совут олган, лекин ўзимники деб даъво қилар, аммо ўзини ўзи алдаётганини ҳам билар эди. Ҳукм чиқариш мажлисида қози Али разияллоҳу анҳу билан яҳудийни бир хил мақомда жойлаштирди. Шунингдек, Али разияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳасан разияллоҳу анҳунинг гувоҳлигига қулоқ солмади. Бу одилона муносабатдан яҳудий англадики, қози ҳазрат Алига мўминларнинг амири бўлса ҳам тарафкашлик қилмас экан.
Дарҳақиқат, яҳудийнинг қасамини инобатга олиб, совутни унинг фойдасига ҳукм қилди. Бундай исломий адолатдан таажубланиб кетган яҳудий ўзини тута олмай ҳаяжонланиб кетди. Шу лаҳзанинг ўзида мусулмонларга бўлган адовати сўнди. Хурсанд ва шодон бўлиб мусулмон бўлганини эълон қилди. Совутни эгасига – Али разияллоҳу анҳуга қайтариб берди.


Даъво учун далил керак
Халифа Мўътазид қози Шурайкка хат юборди: “Фалончидан менинг мол-мулким бор эди. Менга етиб келган хабарларга кўра ўша мулкни унинг қарзлари эвазига ҳақдорларнинг далилларига кўра уларга тақсим қилиб берибсан. Уни жойига қайтариб қўй”.
Қози халифанинг вакилига айтди:
-   Мўминларнинг амирига айт, Аллоҳ унинг салтанати узун қилсин. Ва эслатиб қўйгинки, у мени қози қилиб тайинлаган чоғида, кўрилгуси ишларнинг ҳукмини ўз зиммасидан соқит қилиб, менинг гарданимга топшириб қўйган. Шундай экан, энди мен бир даъвогарнинг молига ҳеч қандай далилсиз ҳукм чиқариб беришим жоиз эмас.
   Вакил қайтиб халифанинг олдига бориб, қозининг сўзларини етказди. Халифа уни яна қайта жўнатар экан унга тайинлади:
-   Сен қози Шурайкка айт, иккита гувоҳим бор.
   Номи келган гувоҳлар акобирлардан эди. Вакил қозига халифанинг сўзларини етказган эди қози унга жавобан:
-   Хўп, ўша гувоҳлар менинг олдимга келиб гувоҳлик беришсин. Гувоҳликлари исботланса, уларнинг гувоҳликларини қабул қиламан. Йўқса, ҳукмни ўзгартирмаслигимга тўғри келади, - деди.
Гувоҳлар қозининг ҳузурига келиб гувоҳлик бершдан бош тортишди. Натижада,  қози халифанинг фойдасига ҳеч нарсани ҳукм қилмади.


Инсоф
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб эшикма-эшик садақа сўраб юрган қари чолни кўриб қолди. Билдики, у яҳудий экан. Ундан сўради:
-   Сени бу ишга нима мажбур қилди?
-   Муҳтожлик мажбур қилди. Ўзим кекса бўлсам, жизя ҳам тўласам... – жавоб берди қария.
Умар разияллоҳу анҳу унинг қўлидан тутиб уйига олиб борди. Ҳожатига яраша озроқ нарса берди. Сўнг хазинабоннинг олдига олиб бориб, тайинлади:
-   Бунга ва бунга ўхшаганларга қараб қўй. Аллоҳга қасамки, унинг ёшлигини адо қилсагу, қариганида яна ҳор қилсак инсофдан эмас. Шубҳасизки, садақалар фақирлар ва мискинларгадур. Фақирлар – мусулмонлар, бу эса Китоб аҳлларининг мискинларидандур.
   Сўнг бу яҳудий чол ва унга ўхшаганлардан жизяни бекор қилди. Уларга ҳам мусулмонларнинг садақаларидан бериб туришга фармон қилди.


Ҳорун ар-Рашиднинг қасами
   Қози Абу Юсуфнинг олдига бир насроний халифа Ҳорун ар-Рашиднинг зулмидан шикоят қилиб келди. Айтишига қараганда халифа унинг ерини ғасб қилиб олган экан. Абу Юсуф сўради:
-   Сен айтаётган ер кимнинг қўлида?
-   Мўминларнинг амирининг қўлида, - жавоб берди насроний.
-   Унинг меваларини ким сотади? – масалага ойдинлик иритиш учун сўради яна.
-   Мўминларнинг амири.
-   Ҳосилни ким йиғиб олади?
-   Мўминларнинг амири.
   Абу Юсуф айтади: “Шу аснода бир қанча саволлар бериб, мўминларнинг амиридан бошқа бирор хусуматчи одамнинг номини айтиши учун ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам, у гапни мўминларнинг амирига олиб келиб тақайверди.
   Ҳукм мажлисига қадар одамлардан сўраб насронийнинг ишини ўргандим. Кейин уни ҳукм мажлисига чақирдим. У киргач, бўлган ишлар баёнини мўминларнинг амирига ўқиб берсам:
-   У жой ўзи бизга тегишли. Биз уни Мансурдан мерос қилиб олганмиз.
Насронийга юзландим:
-   Эшитдингми?
-   Сенинг даъвойингга далилинг борми? – сўради насроний Ҳорун ар-Рашиддан.
-   Йўқ. Лекин хоҳласанг қасам ичаман,- жавоб берди халифа.
-   Эй мўминларнинг амири, нима, қасам ичасизми? – сўрадим. Халифа:
-   Ҳа, - деб қасам ичди. Шундан сўнггина насроний қайтиб кетди.
Мен ўз нафсимга шунда анча қўрқдим”
-   Нимадан қўрқдинг, вазифангни бажарибсан-ку? – сўради Ҳасан.
-   Мен халифани мажлисга келтира олармикинман, деб қўрқдим, - жавоб берди Абу юсуф.


Миср волийсининг бойлиги
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуни Мисрга волий қилиб тайинлаганидан кейин унга катта миқдорда мол етишганининг хабари келиб қолди. Шунда хат жўнатди:
   “Аммо баъд, менга маълум бўлишича сен Мисрга волий бўлишингдан илгари сен эга бўлмаган миқдордаги давлатга эга бўлибсан. Хўш, у нарса сенга қаердан келди? Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг молига хиёнат бўлиб қолишида Аллоҳнинг Зотидан қўрқмасам эди, ........
   Ҳолбуки менинг ҳузуримда аввалги муҳожирларнинг сендан кўра яхшироқлари бор эди. Шундай бўлса-да, мен сени тайинлаган эдим. Шунча давлат сенга қаердан келгани ҳақида менга тезда хат ёзиб юбор!”
   Амр ибн Ос жавоб ёзди:
   “Аммо баъд. Мўминларнинг амири нима демоқчи эканини тушундим. Бизга етишган мол-давлатга келсак, биз бозорларининг нархлари арзон шаҳарларга бордик. Ғазотларда бўлдик. Жамғарган молларимиз мўминларнинг амири хабардор бўлган маблағларнинг эвазига бўлган. Аллоҳга қасамки, агар Сизга хиёнат қилишим ҳалол бўлганида ҳам асло хиёнат қилмаган бўлур эдим. Чунки Сиз менга ишонгансиз. Биз ҳисоб-китобларимиз тўғри юргиздик ва натижада шунча бойликка етишдик. Шандай экан, эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, мен Сизнинг эшигингизни қоқмаган ва қулфни очмаган бўлур эдим”.
   Умар разияллоҳу анҳу яна хат жўнатди:
   “Аммо баъд. Сизлар мол-дунёнинг булоғида ўтирган амирсизлар. Узр сўрашаг овора бўлманглар. Сизлар олов егайсиз! Мен сизларга Муҳаммад ибн Масламани  юборяпман. Унга молингнинг ярмини бўлиб бер”.
   Муҳаммад ибн Маслама Мисрга борди. Амр ибн Ос уни кутиб олди. Олдига таом қўйди. Ибн Маслама овқатни емади.
-   Бу таомларнинг ёмонидур. Агар меҳмонларнинг таомини қўйсанг эди, ер эдим. Таомингни йиғиштир. Менга молингни келтир! – деди.
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу унга мол-мулкини келтирди. Муҳаммад ибн Маслама ярмини олди. Амр ибн Ос унинг бунчалик молни олганини кўриб:
-   Қандай кунларга қолдим-а! Мен энди умарнинг закот йиғиб бергувчи омили бўлиб қолдимми?! – деб ғудраниб қўйди.

Ҳазрат Умарнинг фаросати
   Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига йўлнинг четида ўлиб ётган бир кўса йигитни олиб келишди. Халифа ҳарчанд суриштирса ҳам ўлим тафсилотларини топа олмади. Бундан анча хуноб бўлди.
   Орадан бир йил ўтгач, яна ўша жойдан бир ёш болани топиб олди ва ўзича: “Иншо-Аллоҳ, энди у ишнинг тагига етадиган бўлдим” деди. Болани бир аёлга бериб тайинлади:
-   Бу болага қараб тур. Биз сенга унинг нафақасини берамиз. Бу болани сендан бирорта аёл келиб олиб кетгунча кутиб тур. Қачон бирор аёл келиб уни ўзига олиб, бағрига босса бизни хабардор қиласан.
   Аёл гўдакни ўз тарбиясига олди. Бола бир оз улғайгач, бир жория келиб асраб олган аёлга:
-   Мени ҳожам жўнатди. Болани берар экансиз. Ҳожам бир кўриб олганидан сўнг яна ўзингизга қайтариб олиб келаман, - деди. Аёл:
-   Майли. Фақат мен ҳам сен билан бирга бораман, - деб болани олиб жория билан бирга унинг ҳожасининг уйига борди.
Ҳожа болани олиб ўпди, бағрига босди. Қараса, бу ҳожа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансор саҳобаларидан бўлган бир кекса кишининг қизи экан. Бориб Умар разияллоҳу анҳуга унинг хабарини берди. Халифа дарҳол қиличини тақиб ўша аёлнинг уйига борди. Қараса аёлнинг отаси ҳовлисининг дарвозасига суяниб турган экан.
-   Ҳой фалончи! Қизингни нима қилдинг? – сўради чолдан.
-   Аллоҳ хайрини берсин, эй мўминларнинг амири, қизим одамларнинг орасида Аллоҳнинг ҳақини ва ота-она ҳақини адо этгувчилардандур. Намозларни ўқийди ва рўзаларни тутади. Динида собитқадам, - жавоб берди ота.
-   Хўп десанг, олдига кирсам. Яхшиликларига рағбатимни зиёда қилай.
Қизнинг олдига киришди. Умар разияллоҳу анҳу чолни чиқариб юборди. Уйда қиз билан ўзи ёлғиз қолди. Қиличини хинидан суғуриб:
-   Менга рост сўзни гапир! – деди.
-   Аллоҳга қасамки, албатта рост гапираман. Менинг олдимга бир кампир келиб турар эди. Мен уни онамдек кўрар эдим, ўзим ҳам унга қиз тутинган эдим. Бир куни кампир: “Эй қизгинам, мен сафарга чиқмоқчиман. Менинг бир қизим бор. Ўзини ёлғиз ташлаб кетгани қўрқаман. Сафардан қайтгунимча сен билан бирга бўлиб турсин” деб қолди. У шундай деб ўспирин ёшдаги қиз бола сифатли ўғлини олиб келди. Мен ҳатто уни кўрганимда қиз болалигига шубҳа ҳам қилмадим. Шундай қилиб у билан ҳудди қиз бола билан бўлгандек муомалада бўлдим. Охири ухлаб ётганимда  мени ғафлатда қолдириб, муродини ҳосил қилди. Қўлимга ҳанжар кириб қолган эди, уни ўлдириб қўйдим. Сўнг унинг мурдасини ўша ўзингиз кўрган жойга ташлатиб қўйдим. Ундан ҳомиладор бўлиб қолган эдим. Бола туғилгач, уни ҳам ўша отасини ташлаган жойимга ташлаб келдим, - деб қиз бор гапни айтиб берди.
-   Тўғри айтдинг! – деди Умар разияллоҳу анҳу. Кейин унга бир қанча насиҳатлар қилди, ҳақига дуолар қилди. Отасининг олдига чиқиб: - Қизинг ҳақиқатан ҳам жуда яхши қиз экан, - деб қўйди.


Сен уни унутмагансан
Кунларнинг бирида Умар разияллоҳу анҳу Мадинанинг бозорндан ўтиб борар эди. Қараса Аёс ибн Суламий тор йўлакни тўсиб ўтирган экан. Уни қўлидаги қамчи билан туртиб:
-   Йўлни бўшат, ҳой Суламий! – деди.
Орадан бир йил ўтди. Умар разияллоҳу анҳу Аёс ибн Суламийни яна ўша бозорда учратиб қолди.
-   Бу йил ҳаж қилмоқчимисан? – сўради Суламийдан.
-   Ҳа, эй мўминларнинг амири, - жавоб берди.
   Халифа унинг қўлидан тутиб уйига етаклаб олиб борди. Уйидан олти юз дирҳам олиб чиқиб унга берди.
-   Буни ол, эй Суламий. Ҳожатларингга ишлатарсан. Билиб қўй, бу ўтган йили сени қамчим билан туртганим учун.
-   Эй мўминларнинг амири, агар ўзингиз эслатмаганингизда менинг хаёлимдан чиқиб кетган экан, - деди Суламий.
-   Аллоҳга қасамки, сен уни унутмагансан! – деб қўйди Умар разияллоҳу анҳу.

Розилигинг ҳикмат, ғазабинг иззатдур
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб турган эдилар, бир мусулмон киши мунофиқнинг ёнидан ўтиб қолди. Мунофиққа:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган бўлсалар, сен ўтирибсанми? – деди.
-   Бор, ишингдан қолма! – жавоб берди мунофиқ қўполлик билан.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлганларидан сўнг шу бўлиб гап-сўзни айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишига:
-   Бўйнига урмадингми? – дедилар. (Калласини олиш маъносида)
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзни бажариш учун ўрнидан турган эди жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Умар, қайт. Сенинг розилигинг ҳикмат, ғазабинг иззатдур, - дедилар.


Туянинг эгарлари
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Минода турган эди, бир аъробий туянинг подаси била ўтиб қолди. Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Юк ташувчи туяларингни сотасанми?
-   Ҳа, - деди аъробий. Ҳазрат Умар ўн тўртта туяни сотиб олди. Сўнг бир кишига: - Бу подани ҳайда! – деган эди, аъробий:
-   Унинг тепасидаги ёпинчиқлари ва эгарларни ечиб қўй, - деди.
-   Мен уларни ёпинчиқ ва эгарлари билан қўшиб сотиб олганман, - деди Умар разияллоҳу анҳу.
Улар бу масалада тортишиб қолиб, охири ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг олдига бориб арз қилишди. Али разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Сиз уни эгар ва ёпинчиқларини қўшиб беришига келишганмисиз?
-   Йўқ.
-   Ундай бўлса, уларни ечиб беринг. Фақат туяларгина Сизники бўлади, - деди Али разияллоҳу анҳу.


Рангларингиз нега ўзгарди?
Қурайш ашрофларидан бир жамоа Умар разияллоҳу анҳунинг эшигининг олдига келиб, киришга изн сўрашди. Уларнинг орасида Қурайш хатиби Суҳайл ибн Амр ибн Абдушамс ва Абу Суфён ибн Ҳарб ҳам бор эди. Айнан шу дамда Бадрда қатнашган бир неча қул ва озод қилинган қуллар ҳам келиб изн сўрашиб турган эди. Шунда ичкаридан ходим чиқиб Қурайш ашрофлари қолиб, аввал Билол, кейин Суҳайб, Аммор ва Салмон Форсийларга (разияллоҳу анҳум) киришга изн берилганини айтди. Буни эшитган Абу Суфённинг жаҳли чиқиб кетди:
-   Бугунги кундаги каби таҳқирлашни кўрмаганман! Биздек ашрафлар қолиб, булардек қулларга изн берадими?
Шунда Суҳайб :
-   Эй одамлар, нега рангларингиз ўзгаради? Улар ҳам чақирилди, биз ҳам чақирилдик. Фақат улар биздан аввал кирди, биз улардан кейин кирамиз. Сизлар уларга бор-йўғи Умарнинг олдига аввал кирганларига ҳасад қиляпсиз, бироқ Аллоҳ таоло уларга жаннатда тайёрлаб қўйган неъматлари ҳаммасидан ҳам буюкроқ-ку!


Абу Суфён
   Макка фатҳида Абу Суфён  уч нафар жосус билан мусулмонларнинг лашкари ҳақида маълумот олиш учун Марруз-Заҳрон деган жойга борганида мусулмонлар томонидан қўлга олинди. Аббос разияллоҳу анҳу уни ўз ҳимоясига олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аббос разияллоҳу анҳу ҳимоясида ушлаб туриши учун тонггача муҳлат берди.
   Абу Суфён Исломни қабул қилганидан кейин ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу уни етаклаб Ислом лашкарини кўрсатиб қўйиш учун айлантириб юрган эди, Алмон форсий, Билол ҳабаший ва Суҳайб румийларнинг одиларидан ўтаётганларида уларнинг бири:
-   Аллоҳнинг душманининг бўйнига қилич уришимизга Аллоҳ имкон бермади-да! – деб қўйди.
Бу сўзлардан Абу Суфён қайтиб дандан чиқиб кетмасин деган хавфда Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
-   Ҳолинингизга вой бўлгурлар, Қурайшнинг шайхи ва саййиди бўлган инсонга шундай сўз қилурмисиз?! – деди.    
   Сўнг уларни чақириб танбеҳ бериб қўйиш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб уларнинг айтган гапларини айтиб берди. Бу сўзларни эшитиб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр разияллоҳу анҳуга бўлган муомалалари бирдан ўзгарди ва:
-   Эй Абу Бакр! Сен уларни ғазаблантириб қўйибсан! Аллоҳга қасамки, уларни ғазаблантирган бўлсанг, Аллоҳни ғазаблантирган бўласан!
Бу сўзлардан Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бошига чақмоқ тушгандек бўлиб кетди. Шошилиб ўша ўзи сотиб олиб, Аллоҳ йўлида озод қилиб юборган қулларининг олдига бориб ҳақиқий адолат ва инсонлар аро тенгликни намоён қилиб қилиб улардан кечирим сўради:
-   Эй биродарларим, мен сизларни ғазаблантириб қўйдимми?
-   Бугунги кунда сизни айблаш йўқ. Сизни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир, (Юсуф сурасининг 92-оятига ишора) - дейишди улар ҳам илтифот ила.


Гуноҳларимни кўтара олурмисан?
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу одатига кўра улуснинг ҳолини кўриш учун Аслам била бирга айланиб чиқди. Бир аёл оловга қозрнини ўрнатиб, атрофида болалари йиғлаб ўтирган эди. Халифа уларга яқин бориб салом берди. Аёл жавоб қайтарди.
-   Сизларга яқинроқ борсам майлими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Яхшилик билан яқин келсанг кел, бўлмаса нари бўл, - жавоб берди аёл.
-   Нима қилмоқдасиз?
-   Бизларга совуқ ва қоронғу оғир келди.
-   Гўдаклар нега йиғлаяпти?
-   Очлигидан.
-   Қозонда нима пиширмоқдасиз?
-   Сувни қайнатяпман. Улар ухлагунларича овутиб туриш учун. Аллоҳ биз билан Умарнинг ўртасида.
-   Аллоҳ раҳм қилсин, Умар сизларнинг ҳолингизни қайдан билсин?
-   Бизнинг ишларимизни зиммасига оладию, ғафлатда юрадими?
Умар ва Аслам шошилиб ун омбори томон қайтишди. Ун ва ёғ олиб:
-   Кўтаргизиб қўй, - деди.
-   Эй мўминларнинг амири, келинг мен кўтараман,  - деди Аслам.
-   Қиёмат кунида гуноҳларимни ҳам кўтара олурмисан? – деди Умар разияллоҳу анҳу.
   Аслам халифага юкни ортиб қўйди. Халифа чодирнинг олдигача кўтариб борди. Ундан бир миқдор олди ва аёлга:
-   Ўзимга қўйиб бер, мен ўзим сенга овқат тайёрлаб бераман, - деди. Оловни қалаб овқатни пишириб тайёрлади. – Идишни ҳозирла, - деди аёлга. Идишни олиб келганидан кейин овқатни солиб берди. – Болаларингга едириб ол. Мен қарашиб тураман.
   Болалар овқатни еб, қоринлари тўйгунича кутиб турди. Сўнг уларга бир қанча миқдорда озиқ-овқат бериб ортига қайтаётган эди, аёл:
-   Сиз бу ишга мўминларнинг амиридан муносиброқ экансиз, - деди.
-   Сен яхши сўзларни гапир, - деди Умар разияллоҳу анҳу, - Мабодо мўминларнинг амирининг олдига борсанг, иншо-Аллоҳ, мени ҳам ўша жойдан топасан.
Болалар ҳаммаси қорни тўйиб, ўйнаб кулгунларига қадар ўша жойда кутиб турди. Сўнгра аёлга мўминларнинг молларидан бир қанча улуш бериб қайтиб кетди.


Аллоҳ адлга ва эҳсонга буюради
Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳу айтади:
“Мен аввалига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилганлигимдангина имон келтирган эдим. Аммо қалбимда ислом қарор топмаган эди. Кунларнинг бирида у зот билан суҳбатлашиб ўтирсам, бирдан нигоҳлари самога кўтарилиб кетди. Кейин нигоҳини ўнг томонига қададилар. Сўнг яна шундай бўлди. Бунинг сабабини сўраган эдим, жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Мен сен билан сўзлашиб турган чоғимда Жаброил алайҳис салом ўнг томонимга тушди ва: “Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ адлга ва эҳсонга буюради” деди.
   Мана шу пайтнинг ўзида қалбимда имон қарор топди, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрдим”.



Абу Қаҳҳофа
   Абу Қаҳҳофа – ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг отаси. Умар разияллоҳу анҳунинг халифалик давриларигача умр кўрган.  У Макка фатҳига қадар Ислом неъматидан ғафлатда бўлган. Фатҳ кунигина Исломга кирган. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уни етаклаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борганида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Кекса инсонни уйда қолдиравермабсан-да, токи ўзим боргунимча, - дедилар.
-   Унинг ўзи Сизнинг олдингизга келиши муносиброқ, - деди абу Бакр разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан унинг кўкрагини силаб қўйди. У Исломга кирди.
Бир куни Абу Суфён ибн Ҳарбдан Абу Бакр разияллоҳу анҳуга қандайдир маломат сўзлари келди. Абу Қаҳҳофа Абу Бакрнинг авозини кўтариб гапираётганини эшитиб, ёнидаги одамдан:
-   Ўғлим кимга бақиряпти? – деб сўради.
-   Абу Суфёнга, - жавоб берди ҳамроҳ. Абу Қаҳҳофа Абу Бакрнинг ёнига яқин келиб:
-   Эй Атиқ (Абу Бакрнинг яна бир исми), Абу Суфёнга бақиряпсанми? Ҳаддингдан ошяпсанми? – деб ажабланди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу табассум қилиб жавоб берди:
-   Эй отажон! Ислом кимларнингдир даражасини кўтарган бўлса, кимларникини пасайтирди.
   Кун келиб одамлар ларзага келиб қолишди. Абу Қаҳҳофа одамларнинг йиғлаганларини эшитиб қолди. Бунинг сабабини сўраган эди:
-   Ўғлинг вафот этди, - дейишди.
-   Оҳ, бу қандай мусибат! – Ўрнига ким халифа бўлди?
-   Умар ибн Хаттоб.
-   Ҳа, у ўғлимнинг дўсти эди.



Ҳазрат Умар ва ходимлар
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Баҳрайндан қайтгандан кейин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Эй Қуроннинг душмани! Аллоҳнинг молини ўғирладингми?!
-   Мен Аллоҳнинг ҳам, Унинг Китобининг ҳам душмани эмасман! Мен бу иккисининг душманларининг душманиман! Мен Аллоҳнинг молини ўғирламадим!
-   Ундай бўлса ўн минг дирҳамни қандай йиғдинг?!
-   Отларим туғди, савдоларим  барака берди, улушим кўпайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: “Бамдод намозини ўқиганимдан кейин мўминларнинг амири учун истиғфор айтдим. Кейин эса Умар мендан сўраб қолди:
- Омиллик қилмайсанми?
- Йўқ, - дедим.
- Сендан яхшироқ одам – Юсуф алайҳис салом ҳам қиган-ку, у ишни?
- Юсуф алайҳис салом пайғамбар, пайғамбарнинг ўғли. Мен эса бир оддий инсоннинг ўғли бўлсам. Мен уч ёки иккидан қўрқаман
- Беш деб айтмайсанми?
- Билмаган нарсамни айтишдан, ва чуқур англамай туриб ҳукм қилиб қўйишдан қўрқаман. Мен яна елкам дарра ейишидан, шаъним тўкилишидан ва молим кетиб қолишидан қўрқаман, - дедим”.


Хамр ичгувчининг жазоси
Қиддома ибн Мазъун хамр ичиб қўйгани учун Умар разияллоҳу анҳу уни жазоламоқчи бўлди. Шунда у:
-   Менга жазо вожиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло:
      لَيْسَ عَلَى الَّذِينَ آمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُواْ إِذَا مَا اتَّقَواْ وَّآمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ     
   “Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар .... еб-ичганларида гуноҳ йўқдир” деган, - деб айтди.
   Умар разияллоҳу анҳу дарра урдирмади. Бу гап ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга етиб борди. Али разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳудан сўради:
-   Нима учун дарра урмадингиз?
-   У менга Қурондан бир оятни ўқиб берди, - деб халифа мазкур оятни тиловат қилди.
-   Қидома бу оятдаги инсон эмас. Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни қилар экан, яхша амаллар қилганлардан ҳам эмас. Шубҳасизки, Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларни ҳалол санаганлар яхши амал қилгувчилар эмасдир. Уни қайтаринг, тавба қилсин. Агар тавба қилса, унга дарра уринг. Тавба қилмаса, диндан чиққанлиги учун қатл қилдиринг.
Умар разияллоҳу анҳу Али разияллоҳу анҳунинг таклифини қабул қилиб уни чақиртирди. Қидома бу сўзларни эшитиб, дарҳол тавба қилди. Шу билан халифа уни қатлдан озод қилди. Энди қандай жазо қўллаш ҳақида ҳазрат алидан маслаҳат сўради.
-   Унга саксон дарра уринг, - деди Али разияллоҳу анҳу, - Чунки хамр ичгувчи маст бўлади. Маст одам алжирайди, алжираган одам ифтиро қилади (ёлғон тўқийди).


Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  25 May 2016, 16:34:13

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Зуҳд
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
   “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”. (Қасас. 77)
   Зоҳидлик бир фазилатдур. У ҳаргиз инсонлар билан дунёнинг ёки ҳаётнинг орасини узоқлаштиргувчи салбий хислат эмас. Агар шундай бўса эди, тарих чарҳпалаги тўхтаб қолиб, тарққиётнининг ривожланишига монеълик қилур эди. Айнан шу маънода Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
   “Ким дунёсига муҳаббат қўйса, охиратига зарар қилибди. Ким охиратига муҳаббат қўйса, дунёсига зарар қилибди. Фоний бўлгувчидан боқий қолгувчини афзал кўринг”.
   Зоҳидлик кўпчилик ўйлаганидек саъю-ҳаракатдан тўхтаб қолишлик эмас, ўз нафсига бира тўла жабру зулм қилиб, нафсга берилиши лозим бўлган қувватга бахиллик қилиш ҳам эмас. Балки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига итоат қилишилкдур.
   Зоҳидлик – дунё товланиб, жилоланиб инсонларни ўзига мафтун этганида унинг фитналарига алданиб қолиб, ҳалол бўлмаган нарсаларга ружу қилиб қўймасликдур. Шундай пайтда инсон назар солишилиги керак – унинг қилаётган иши ҳалолми ёки ҳаром? Агар ҳаром бўлса, ҳар қанча дунё фойдаси бўлса-да, нафсини ундан узоқлаштиргай. Агар ҳалол бўлса, ҳалолдан нафсини ман қилмагай. Бунга сарвари коинотнинг ушбу насиҳатлари далил бўлур:
   “Дундаги нарсаларга зоҳидлик қил, Аллоҳ сени яхши кўрур. Инсонлардаги нарсаларга зоҳидлик қил, инсонлар сени яхши кўрур”.
   Ҳақиқий зуҳд, бизларга ҳазрат пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек, бировнинг ҳақидан, шайтон бизнинг кўзимизга чиройли қилиб кўрсатган ҳар қандай гуноҳ ва маъсиятлардан ва Аллоҳ ҳаром қилган барча ҳаром нарсалардан сақланишлигимиздур. Зеро жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай бўлганлар ва ўз асҳобларига шундай таълим берганларки, улар умматнинг молига тажовуз қилмасликни ўрганганлар. Хулафойи рошидинлар ҳам айнан шу йўлни давом эттирганлар.
   Улар зоҳидликнинг мана шу йўлини тутдилар. Улар шуни яхши билар эдиларки, ҳақиқий бахт Аллоҳ таоло берган қисматга рози бўлишлик, ва ҳар бир ҳолат учун қаноат қилишликдур. Мана шу йўлга эргашмоқ вожибдур. Шаклланишни ўрнатишмаган. Ҳаётнинг паст-баландидан норози бўлмаганлар. Ўзларига тегишли бўлмаган ҳолатларга назар ташламаганлар. Улар дунёни қувимаганлар, балки дунё буларнинг ортидан эргашган. Улар дунёни ҳақир кўрдилар, дунё ҳам уларга ҳақир бўлиб келди.
   Бундай ҳақиқий маънодаги зоҳидлик ўтган солиҳларимизда намоён бўлган. Улар Аллоҳнинг Каломига эргашдилар:
   “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”. (Қасас. 77)
   


Химс ҳокими Умайр ибн Саъд
   Умайр ибн Саъднинг отаси ўз даврининг паҳлавонларидан бўлган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қатнашган жанг ва маъракаларнинг биронтасидан ҳам қолмаган. У зотдан кейин ҳам Ислом байроғини юқори қилиб, мусулсонлар шарафини юксалтириш  учун бардавом бўлган. Шунингдек қодисия воқеасида ҳам қатнашган.
   Ортидан Умайрдек отасига муносиб фарзандини қолдирди. Умайр ҳам отаси каби жангларда қатнашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларида иштирок этди.
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда Химс шаҳрига ҳокимлик вазифасига тайинланди. Кунлар ўтди. Бироқ Мадинага Химсдан ҳеч қандай ўлжа келишидан дарак йўқ эди. Барча тушган даромад Химс мусулмонларининг ҳаражатларига сарфланар эди.
   Халифа тушган ўлжалардан Мадинага юборишларини сўраб хат жўнатди. Умайр хатни олиб ўқигач, тўрвасини бўйнига илди, озуқа халтасини олди, чопонини елкасига ташлаб, қўлига асони тутиб йўлга яёв равона бўлди. Йўл юриб, ниҳоят халифанинг мажлисига етиб келди.
-   Ассалому алайкум, эй мўмниларнинг амири, - салом берди.
-   Ва алайкум ассалом. Ишларинг қандай? – саломига савол билан жавоб берди халифа.
-   Шукр. Тўрт мучам соғ. Ернинг устидаман.
Умар разияллоҳу анҳу уни ўожа олиб келган деб ўйлаган эди, лекин кўринишидан ўхшамади.
-   Нима, пиёда келдингми?
-   Ҳа.
-   Сенга уловини бергувчи одам топилмадими?
-   Ўзлари бермади, мен ҳам сўрамадим.
-   Қандай ҳам ёмон одамлар экан-а?!
-   Эй Умар! Аллоҳ Сизни ғийбатдан қайтармаганмиди?
-   У ерда нима ишлар қилдинг?
-   Мен Сиз юборган шаҳарга бордим. У ердаги яхши инсонларни жамладим. Уларни мол-мулкларидан солиқ олишга тайинладим. Тўплангансолиқларни ўз ўрнига сарфладим. Агар харажатардан ортиб қолса эди, Сизга олиб келган бўлур эдим.
-   Бизга ҳеч нарса олиб келмадингми?
-   Йўқ.
Шундан сўнг Умар разияллоҳу анҳу котибларига юзланди:
-   Уни ўз вазифасида қолдиринг.
-   Мен Сиз учун ҳам, бошқа бир инсон учун ҳам хизмат қилганим йўқ, - деб қўйди Умайр разияллоҳу анҳу.



Қимматбаҳо тақинчоқлар
Абдумалик ибн Марвонинг қизи, Умар ибн Абдулазизнинг хотини Фотиманинг қимматбаҳо тақинчоқлари бор эди. Буни тақиб юришни унга отаси тайинлаган эди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлгач Фотимга айтди:
-   Ўзинг танла – ё тақинчоқларни байтул молга топширасан, ёки мен билан ажрашишингга тўғри келади. Чунки мен тақинчоқ, сен ва мен бир уйда яшашимизни хоҳламайман.
-   Майли. Мен ҳали қиимматбаҳо тақинчоқ экан, ундан ортиғини ҳам Сизга алмашмайман, - жавоб берди Фотима.
Шундай қилиб, қимматбаҳо тақинчоқни мусулмонларнинг байтул молига топширишди. Вақти-соати келиб, Умар ибн Абдулазиз вафот этиб Язид халифаликни олганида Фотимага ўша тақинчоқни қатариб бермоқчи бўлди. Бироқ Фотима кўнмади ва:
-   Йўқ. Аллоҳга қасамки, унга ҳаётлик чоғида ёқмаган нарсасини вафотидан кейин ҳам қилмагайман, - деди.


Оқибат тақводорларники
Умар ибн Абдулазизнинг яқинларидан бири уни кўрагани келди. Қараса уйининг қоронғу бурчагида изорига бурканиб ётган экан экан. Тоби қочиб қолимимкин, деган фикрда сўради?
-   Эй мўминларнинг амири, нима кўз тегди?
-   Тинчлик, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Кийимларимни ювдирган эдим, ҳали қуримабди, - жавоб берди халифа. Бу жавобдан меҳмон қотиб қолди. Бир оз ўзига келгач сўрашда давом этди:
-   Қанақа кийим, эй мўминларнинг амири?
-   Кўйлак, ридо ва изор.
-   Ювдиришига берган бўлсангиз, бошқасини кийиб турсангиз бўлмайдими?
-   Бошқаси анчи эскирганидан кийишга яроғлилиги қолмабди.
-   Ундай бўлса, бошқа янги кийим олсангиз-чи?
Халифа жим туриб қолди. Сўнг нигоҳларини ерган қадаган кўйи Аллоҳ азза ва жалланинг каломини тиловат қилди, яъни:
-   “Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Қасас. 83)


Ҳазрат умар ва Ҳурмазон
Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу мусулмонларнинг амири бўлганида ҳам ўзининг дағал кийиниши ва камтарона турмуш тарзи билан бутун инсониятга ўрнак бўлди. Форс қўмондони Ҳурмазон ҳам бу зотнинг халифа бўла туриб оддий фуқародек яшашидан таажжубда қолган.
Ўшанда уни мусулмонлар асир олиб, Мадинага шоҳона кийимларида бошида тож билан олиб келишган эди. Қарасалар мўминларнинг амири масжиднинг ёнбошида ухлаб ётган экан. Уйғонгунича кутиб туришди. Ҳурмазон соқчилардан сўради:
-   Умар қаерда?
-   Мана шу – Умар, - жавоб беришдисоқчилар.
-   Унинг соқчилари қани?
-   Унинг соқчиси ҳам ясовули ҳам йўқ.
-   Бу киши пайғамбарликка муносиб инсон экан-ку! – таажжубланди Ҳармазон.
-   Йўқ, у пайғамбар эмас, лекин пайғамбар ишининг давомчиси, - жавоб беришди.
Умар разияллоҳу анҳу уйқусидан уйғонгач:
-   Шуми Ҳурмазон? – деб сўради.
-   Ҳа, - дейишди.
Умар разияллоҳу анҳу уни Исломга қилган адовати, хиёнати ва жиноятидан сўроқ қилди. У эса устамонлик қилиб, халифадан токи сув ичиб олгунча омонлик сўради. Халифа омонлик берди. Бундан эса Ҳурмазон “Менга омонлик берилди”, деб даъво қилди. Халифа уни афв қилди. У эса Исломни қабул қилди. Сўнг шу шаҳарда яшаб қолди.


Дунёга ҳожатим йўқ
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди. Қараса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйрада ёнбошлаб ётганларидан муборак жасадларига бўйранинг изи чиқиб қолган эди.
-   Эй Аллоҳнинг расули, тўшак сотиб олсангиз бўлмайдими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй умар! Кисро кабими?! Пайғамбарлик подшоҳлик эмас! Менга дунёнинг нима ҳожати бор? Мен билан дунёнинг мисоли ёз кунида от миниб кетаётиб, бир дарахтнинг тагида бирор соат салқинлаб, кейин у жойни тарк қилиб кетган киши кабидир.


Мангуликка рағбат
Сувайд ибн Ҳорис ривоят қилади:
“Биз етти киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қавмимизнинг номидан вакил бўлиб келдик. Биз кириб борганимизда биздан жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Сизлар кимларсиз?
-   Бизлар мўминлармиз, - жавоб бердик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб яна савол бердилар:
-   Ҳар нарсанинг ҳақиқати бўлгай. Сизларнинг мўминлигингизнин ҳақиқати недур?
-   Ўн беш хислатдур. Бештасини барча пайғамбарлар имон келтиришимизга буюрганларидур. Бештаси – Сиз буюрган амаллар. Бештаси эса, бизга жоҳилиятда ёмон кўрган ишларимиздур.
-   Пайғамбарлар буюрган беш хислат қайсидур?
-   Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига, пайғамбарларига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтиришимиз.
-   Мен буюрган беш амал қайси?
-   “Ла илаҳа иллаллоҳ” демоғимиз, беш маҳал намоз ўқимоғимиз, закотни адо қилишимиз, рамазон ойи рўзасини тутмоғимиз ва имкон бўлганда Байтуллоҳни тавоф қилиб ҳаж қилмоғимиздур.
-   Жоҳилиятда ҳамроҳ бўлиб, тарк қилганингиз қайсидур?
-   Кенгчиликка шукр, қийинчиликка сабр, тақдирга розилик, ҳар қандай ожизлик ҳолида рост гапириш ва адоватни тарк қилиш.
-   Сизлар олимлар ва донолардурсиз. Бу фаҳмларингиз билан пайғамбарлар каби бўлишга яқинсизлар. Агар шу айтганларингиздагидек бўлсаларингиз, мен сизларга яна беш хислат зиёда қилгайман, шу билан йигирма бўлур: Ўзларингиз емайдиган молни жамламанг. Ўзингизга маскан бўлмайдиган бинони қурманг. Эртагаёқ сизларга насиб бўлмайдиган нарсаларга рақобатлашманг. Аллоҳга тақво қилингки, Унга қайтурсиз ва Унинг ҳузурида тўпланурсиз. Шундай нарсаларга рағбат қилингки, сизлар оқибатда етишурсиз ва ўша неъматлар уза мангу қолгурсиз.


Қавмнинг Умарга маслаҳати
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда мусулмонларга кўплаб фатҳ ва нусратлар ёр бўлди, Ислом кенг миқёсда таралиб, кучли давлат барпо бўлди. Атроф жонибдан бойликлар оқиб кела бошлади. Бироқ халифа ўзи учун кенгчиликни асло истамас, камтарона рўзғордан ортиғига сира кўнмас эди. Ниҳоят мусулмонлар ўзларича маслаҳатлашиб мўминларнинг онаси Ҳафса разияллоҳу анҳонинг ҳузурига киришди.
-   Аллоҳ таоло мўминларга мўл-кўлчиликни бериб қўйди. Умар эса ўзи учун бўйра-ю, тиркчиликка аранг етгулик маишатдан ортиғига кўнмаяпти. Энди у ҳам байтул молдан хоҳлаганича олсин, мўминлар жамоаси бунга рози бўляпти, - дейишди улар.
   Ҳафса разияллоҳу анҳо уларнинг таклифларини қабул қилгандек бўлди. Улар чиқиб кетишгач Умар разияллоҳу анҳу кириб келди. Онамиз халифага одамларнинг таклифини етказди. Шунда халифа:
-   Эй Ҳафса! Эй Умарнинг қизи! Қавмингнинг маслаҳатига қулоқ солиб, отангга фириб қилмоқчи бўлдингми?! Аҳлимнинг ҳаққи ўзимнинг зиммамда ва ўз молим ҳисобидан бўлади. Аммо диним ва омонатимга ҳеч кимни аралаштирмагайман! Эй Ҳафса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қанчалик тор маишатда бўлгани эсингдан чиқдими?..
Ота ва қизни ўтмишни эслашиб узоқ вақт йиғлашди.


Пайғамбар банда
   Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳи салом билан Сафо тоғига чиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Жаброил, Сизни ҳақлик ила жўнатган Зотга қасамки, бу оқшом Муҳаммаднинг оиласида на арпа бодён ва ундан кенгчилик бўлмади.
   Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатиб улгурмасдан самодан даҳшатли овоз келди.
-   Аллоҳ қиёмат қоим бўлишига амр қилдими? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Йўқ, у – Исрофил алайҳис салом. Сўзларингизни эшитиб ҳузурингизга келди.
Исрофил алайҳис салом келиб сўз бошлади:
-   Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Сизнинг сўзларингизни эшитиб менга Ернинг очқичларини бериб ҳузурингизга жўнатди. Менга буюрдики, агар Сиз истасангиз тупроқни зумрад, ёқут, олтин ва кумушга айлантириб бераман. Хоҳласангиз фаришта пайғамбар бўласиз, хоҳласангиз банда бўласиз.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   Пайғамбар банда бўлишни истайман. Пайғамбар банда бўлишни истайман. Пайғамбар банда бўлишни истайман.


Ҳазрат Абу Бакрнинг мероси
   Мўминларнинг онаси Оиша разияллоҳу анҳо отаси – ҳазрат Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин унинг васиятига кўра қолган меросни олиб кейинги халифа Умар разияллоҳу анҳунинг олдига борди. Булар – сув идиш, сут соғадиган пақир ва атрофдан келган меҳмонларни кутиб олишга чиққанида киядиган пўстини эди.
   Шундай улуғ зотдан мерос бўлиб бундан бошқа нарса қолмаган эди. Ҳолбуки Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун инсонларнинг энг маҳбуби эди. Ислом учун ўзини фидо қилиб қирқ минг дирҳам пулини бира тўла сарфлаб юборган эди. Мол-дунёсини Аллоҳ йўлида, қул озод қилишга, ҳақ қарор топишига ва Аллоҳнинг Каломи улуғланиши учун нисор қилган. Барча мол ва матолдарини Аллоҳ учун гўзал қарз қилган эди.
   Умар разияллоҳу анҳу шугина қолган меросни кўриб йиғлаб юборди:
-   Аллоҳ раҳматига олсин! Ўзидан кейин келгувчи ҳар қандай инсонни чарчатиб кетди.


Кумуш билакузуклар
   Оламдаги барча аёлларнинг саййидаси ҳазрат Фотима разияллоҳу анҳо рўзғорда бир оз қийинчилик бўлганидан бир ходим ёллаб беришларини илтимос қилиб оталари – жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таклифни қабул қилмадилар. Аҳли суффа бўлган мискинлар бундан-да оғирроқ машаққатда ҳаёт кечириб турганларида ўзининг қизига хизматчи ёллаб беришни раво кўрмадилар.
   Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларини зиёрат қилгани бордилар. Эшикни қоқдилар. Сўнг ҳовлига кириб назар солдилар-да, ичкари кирмай ортларига қайтдилар. Бунинг сабабини сўраганларида:
-   Мен қизим Фотиманинг қўлида кумушдан бўлган икки дона билакузукни кўрдим, - дедилар.
   Бу сўзларни эшитган Фотима разияллоҳу анҳо дарҳол қўлидаги билакузукларни ечиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу узукларни сотиб, пулини фақрларга садақа қилиб юбордилар.


Адолат қилдинг, хотиржам бўлдинг
   Рум қайсари (яъни султони) Умар разияллоҳу анҳунинг адолати ва салтанатдаги давлат интизоми ҳақидаги таърифларини эшитиб, токи шоҳид бўлиб, иш юритиш усуллари, мамлакат аҳолисининг ички ҳолати, авом халқнинг турмуш тарзи-ю, ўз раҳнамосига бўлган муҳаббатларини кўриб, шоҳид бўлиб ўрганиб келиш учун ўзининг элчисини мусулмонларнинг диёрига юборди. Элчи Мадинага етиб келиб одамлардан сўради:
-   Подшоҳ қаерда туради?
-   Бизларда подшоҳ йўқ, амир бор. У киши шағар ташқарисига чиқиб кетган эди, - жавоб беришди одамлар.
Элчи суриштириб бориб ҳазрат Умарни қуёш тиғи остида қумнинг устида, бошига болиш ўрнига ҳассасини қўйиб терга ботиб ухлаб ётган экан. Бу ҳолатни кўрган элчи ҳайратдо қолди. Ҳатто қалбида мўминларнинг амирига бўлган муҳаббат жўш урди. У шу сўзларни айтди:
“Ҳайбатидан подшоҳларнинг тинчини йўқотиб, салобатидан саросимада қолдирган инсоннинг ҳолатини қара! Эй Умар, сен улусга адолат қилдинг, натижада ўзинг хотиржам ухлаш мақомида бўлдинг. Гувоҳлик бераманки, сизларнинг динингиз ҳақдур! Мен ҳозироқ Исломни қабул қилар эдим, лекин мен элчиман. Кўрганларимни Рум қайсарига етказганимдан сўнг албатта қайтиб келиб мусулмон бўламан”.
Элчи мусулмон бўлди.

Пайғамбарларнинг ҳаёт йўллари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолдилар. Умар разияллоҳу анҳу зиёрат учун ҳужрайи саодатга келди. Кириб қараса, Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам похол устида, бошларига лайфдан бўлган ёстиқни қўйиб ухлаб ётибдилар. Умар разияллоҳу анҳу ҳужрага назар солди. Хонада сув идиш, кўза, бир ҳовуч арпа ва кийим иладиган қозиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Умар йиғлаб юборди:
-   Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга дуо қилинг, Рум ва Форсга қилгани каби бизларга ҳам кенгчилик қилиб берсин!
-   Эй Умар! Сен ҳам дунё зийнатини хоҳлаб қолдингми?! Шу сўзларни сендан бошқаси айтса эди!.. Улар неъматлари шу дунёнинг ўзидагина берилган қавмлардур! – сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар:
لاَ يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذِينَ كَفَرُواْ فِي الْبِلاَدِ * مَتَاعٌ قَلِيلٌ ثُمَّ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَبِئْسَ الْمِهَادُ *
   “Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!” (Оли Имрон. 196-197)
   Пайғамбарларнинг ҳаёт йўллари шудир. Улар ўзларидан фарзандларига ҳеч қандай мерос қолдирмаганлар. Шунинг учун ҳам Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларки:
   “Бизлар пайғамбарлар жамоасимиз. Мерос қолдирмаймиз. Нимани қолдирган бўлсак бариси садақадир”.


Аллоҳ ҳамроҳим эди
   Ҳомид Асвад ҳазрат Иброҳим Хавос разияллоҳу анҳу билан саҳрода бирга бўлиб қолди. Улар дарахт остида тунадилар. У жойда ваҳший ҳайвонлар бор эди. Ҳомид асвад айтади:
   “Мен дарахтнинг шохига чиқиб олиб тонггача ухлай олмадим. Иброҳим Хавос эса бемалол ухлайверди. Ваҳший ҳайвонлар келиб унинг бошидан оёғигача ҳидлаб чиқди. Кейин эса ҳеч қандай зарар қилмасдан қайтиб кетишди. Эртаси куни бир қишлоқнинг масжидида тунаб қолдик. У жойда Иброҳим Хавоснинг юзига тахтакана ёпишиб олиб чақа бошлади. Ҳамроҳим инграй бошлади.
-   Ажабо, - дедим, - кеча арслонлар келиб искаб кетишди, аммо зарар қилишмади. Бугун эса тахтаканалар озор бермоқда?...
Иброҳим Хавос жавоб берди:
-   Ўтган кеча аллоҳ азза ва жалла ҳамроҳим эди. Бугун эса ўзим билан ўзим бўлиб қолдим.


Иффат ва имон қуввати
   Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Солим ўз нафсини қўлга олган зоҳид ва иффат соҳиби эди. У Каъбани тавоф қилаётганида мўминларнинг амири Ҳишом ибн Абдулмалик кўриб қолиб илтифот қилди:
-   Хоҳлаган нарсангни сўра! Мен сўраганингни бераман.
Солим таклифни рад қилди:
-   Эй соҳиб, мен Аллоҳнинг байтида туриб Ундан бошқадан сўрагани ҳаё қилурман.
Ҳаж амалларини адо қилиб бўлганидан сўнг Ҳишом яна илтифот қилди:
-   Мана, энди Аллоҳнинг байтидан чиқдинг. Хоҳлаган нарсангни сўра, мен берурман!
Нафсининг эркини синдириб олган Солим иффат ва имон қуввати ила таклифни яна рад этди:
-   Мен дунё матосини бутун дунёга молик бўлган Зотдан сўрамасам-у, дунёга молик бўлмаган кимсадан сўрарманму?...


Кунлари ташна, тунлари бедор
   Умар ибн Абдулазиз бемор бўлиб қолди. Одамлар уни кўргани келишди. Уларнинг орасида ёшроқ йигит бор эди. Мўминларнинг амири унга илтифот қилди:
-   Менга бир ҳақ сўздан сўзламайсанми?
-   Эй мўминларнинг амири, дунё ҳаловатини тотиб кўриб билдимки, у  аччиқ экан. Менинг кўз ўнгимда унинг роҳатию ҳаловати ҳеч нарса бўлмай қолди. Унинг олтинию, тоши мен учун баробар бўлди. Мен гўёки Раббимнинг Аршига қарасам, у кўз ўнгимда очиф-ойдин намоён бўлаётгандек. Одамларга қарасам, улар бири жаннатга, бири дўзахга равона бўлаётир. Шунинг учун кундузлари ташналикни, тунлари бедорликни ихтиёр қилдим. Бироқ менинг амалларим Аллоҳнинг савоби олдида ҳам, иқоби олдида ҳам ҳеч нарсага арзимайди.
Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди ва шундай деди:
-   Ҳақ сўларни айтдинг.


У бизнинг ҳокимимиз
   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида атроф жонибдан келган мусулмонларнинг яшаш тарзларини ва шароитларини ўрганишни ғанимат билур эди. Шу мақсадда минтақалардан келган мусулмонларнинг карвонларини кезиб юрар, уларнинг аҳволларини суриштирар эди. Айниқса Химс халқи фақирликдан хароб бўлаётганидан халифанинг тинчи йўқолган эди. Шунинг уларнинг орасидан бир солиҳ инсонга рўпара келиб унга топшириқ қилди:
-   Менга энг камбағалларингизнинг исмларини ёзиб беринглар.
У киши байтул молдан ёрдам бўлса керак, деган фикрда камбағалларнинг рўйҳатини тайёрлади. Эртасига рўйҳатдаги кишилар келишган эй Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Сизлар Умайр ибн Саъидни ёзибсизлар, хўш, у ким?
-   У бизнинг ҳокимимиз, эй мўминларнинг амири, - жавоб беришди.
-   У ҳам камбағалми?
-   У ичимизда энг камбағалимиз. Дунё насибасидан ҳеч нарсага эга бўлмаган.
-   Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мусулмонларнинг вилоятига яхши инсонни тайинлашда Умарга тавфиқ берибди.



   Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  07 Iyul 2016, 07:23:29

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Кечирим
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
   “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”. (Аъроф. 199)
وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
   “Улар ... ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир”. (Оли Имрон. 134)
   Кечиримлилик – ваҳдониятнинг мустаҳкам асосини барпо қилгувчи олийжаноб фазилатдур. У юксак қувват бағишлайди. Каромат ва қадр қиммат хислатларини юқори қилур. Зеро, ғазабни ютишлик ҳақиқий имоннинг белгисидир. Кечиримлилик ва раҳм-шафқат омонлик ва хотиржамлик гаровидур.
   Нафснинг ихтиёрига қарши туришнинг ўзи бир жасоратдур. Чунки ўзига бино қўйишга одатланган ҳавойи нафс инсонни қасос олишга мажбурлайди. Айниқса бугунги кунимизда кўрамизки, бир кишига озор берсалар қаҳру ғазабдан қутуриб кетади ва имкон топса албатта ўша рақибидан ўч олиб, бурнини ерга ишқалашга ошиқади. Унга на насиҳат кор қилса, на қилмишининг охирини ўйласа.
   Бордию, ожизлик қилиб қолса ҳам бир кун келиб интиқом олиш илинжида бўлади ва имконини топишга фурсат келгунча ич этини тирнаб, шайтоннинг чақириғига олдиндан лаббай дейишга шай туради. Аллоҳ асрасинки, бу ҳолда жамият интизомлар изидан чиқиб, осойишталикка путур етиши натижада кишилар ҳаёти хавотирда қолиб, меҳр-оқибат ришталари узилиб, мусулмонларнинг бирлигига дарз кетиши ҳеч гап эмас.
   Ушбу илҳий насиҳатлар доимо ёдимизда бўлиши лозим:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
   “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”. (Аъроф. 199)
وَأَن تَعْفُواْ أَقْرَبُ وَلاَ تَنسَوُاْ الْفَضْلَ بَيْنَكُمْ
   “Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг”. (Бақара. 237)
   Ҳавойи нафс устидан ғолиб келиб Аллоҳ розилиги учун инсонларга нисбатан кечиримли бўлган зотларга ҳар бир кўрган озорлари эвазига қасос ва интиқомдан неча чандон зиёда мукофотлар бордир. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг марҳамати, каромати, мағфирати ва солиҳ бандаларига таёрлаб қўйилган мангу роҳат макони бўлмиш  жаннат боғларидир! Ҳа, бандалар шайтоннинг чақириғига эмас, Аллоҳнинг фазлига шошилсин!
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ * الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ *
   “
Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (Оли Имрон. 133-134)
   Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобайи киромларнинг йўллар шу эрур. Шоядки ўқиб, ўрганиб, ибрат олсак деган илинжда, аллоҳнинг тавфиқи ила уларнинг ҳаётларидан лавҳа келтиришни лозим топдик.


Каъб ибн Зуҳайрнинг авф этилиши
   Бужайр ибн Зуҳайр Исломни қабул қилган эди унга акаси Каъб ғазаб қилди ва уни маломат қилиб хат жўнатди. Бужайр бу ҳақди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ким Каъб ибн Зуҳайрни кўрса, дарҳол ўлдиришини буюрдилар.
   Бужайр дарҳол акасига қонининг тўкилиши ҳалол бўлганлигини билдириб хат юборди. Хатда яна шундай дейилган эди: “Жонинг омон қолишини хоҳласанг, тезда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига кел. Чунки у зот тавба қилиб келганларни қабул қилади. Мусулмон бўлганидан кейин Исломга киришидан аввалги қиган ишлари учун жазоламайди”.
   Каъб хатни олгач қабиласининг ашрофларидан ҳимояларига олишларини сўраган эди қабул қилишмади. Бундан жони ҳалакда қолганини кўрган душманлари ҳар тарафга миш-миш гапларни тарқата бошлашди. Ниҳоят, чорасиз қолган Каъб Мадинага келиб ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга учради. Ҳазрат Али уни масжидга етаклаб бориб:
-   Мана шу зот - Аллоҳнинг расули. Бор, Ул зотдан омонлик сўра! – деди.
   Каъб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларига бориб муборак қўлларидан тутди
-   Эй Аллоҳнинг расули, Каъб ибн Зуҳайр тавба қилиб, мусулмон бўлиб Сиздан омонлик сўраб келди, - деди у, - Агар мен уни Сизнинг ҳузурингизга олиб кирсам уни қабул қилурмисиз?
-   Ҳа, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Менман, эй Аллоҳнинг расули, Каъб ибн Зуҳайр!
-   Ўша сўзларни айтган сенмисан?!
Шунда ансорлардан бўлган бири киши сапчиб ўрнидан турди-да:
-   Эй Аллоҳнинг расули, бу Аллоҳнинг душманини менга қўйиб беринг, калласини узиб ташлайман! – деди.
-   Уни тек қўй! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - У бизнинг қошимизга тавба қилган ҳолда келди.
   Шунда Каъб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ қилинган, маҳобатлар зикр қилинган машҳур қасидасини ўқиди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чопонларини унинг елкасига ташлаб қўйдилар ва афв қилдилар.


Отасининг қотилини кечирган ўғиллар
   Уч йигит Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига бир кишини етаклаб келди.
-   Бу киши бизнинг отамизни ўлдирди, - дейишди.
   У киши ҳақиқатан ҳам уларнинг оталарини ўлдирганига иқрор бўлди. Лекин олий жазо қўллашлари учун уч кунга муҳлат сўради. Бунинг сабаби у уйига бир қанча бойликни беркитиб қўйган, лекин уни ўзидан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ўша бойлик кўмилган жойни ўғилларига кўрсатиб қўйишлик учун уйига бориб келишликка уч кун вақт кетар эди. Ўрнига улуғ саҳобий – Абу Зар Ғифорийни гаровга қўйиб кетди.
   Орадан уч кун ўтди. Қоидага кўра агар у келмаса унинг ўрнига Абу Зар разияллоҳу анҳу қатл қилиниши керак эди. Уни анча вақт кутишди. Ниҳоят, уч кун адо бўлишига оз қолганида кийимлари чанг ва ғубор ғолатда халлослаб етиб келди. Умар разияллоҳу анҳу сўради:
-   Қочиб кетишингга имкон бўла туриб ҳам нега қайтиб келдинг?
-   Ваъда вафо қигувчилар қолмабди, деган гап бўлмасин деб қайтиб келдим, - деди у.
   Сўнг абу Зарга юзланди:
-   Сен нега ўзинг танимаган инсонга кафолат бердинг?
-   Мен мурувват аҳли қолмабди, деган гап бўлмасин дедим, - жавоб берди Абу Зар разияллоҳу анҳу.
Шунда даъвогарлар айтишди:
-   Ундай бўлса биз ҳам авф қилдик, токи одамлар орасида қасос олишга имкони бўла туриб афв қилгувчилар қолмабди деган гап бўлмасин.


Аллоҳ мўминларнинг орасини ислоҳ қилур
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби ила ўтирган эдилар. Шу пайт жаноб шундай кулдиларки, ҳато муборак тишлари кўринди. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Ота-онам Сизга фидо бўлсун, эй Аллоҳнинг расули, Сизни кулдирган нарса нимадир?
-   Умматимдан икки киши Раббил-иззатнинг ҳузурида тиз чўкиб ўтиришди. Уларнинг бири айтди: “Эй Раббим, бундан менинг мазлумлик ҳақимни олиб бер”. Аллоҳ золимга айтди:”Биродарингга мазлумлик ҳақини бер!”  У: “Эй Раббим, мен қандай қилиб берайин, ахир менда савоб амалдан ҳеч нарса қолмади-ку!” деди. Шунда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сўрагувчига айтди: “Бу биродарингни нима қилурсан, унда савоблардан ҳеч нарса қолмабди?” У айтди: “Ундай бўлса менинг гуноҳларимдан олсин!”
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу сўзларни айтиб кўзларига ёш олдилар ва:
-   Дарҳақиқат, Ул кун улуғ кундур. У кунда инсонлар ўз хатоларини юклашга муҳтож бўлиб қолурлар, - сўнг яна сўзини давом эттирдилар, - Шунда Аллоҳ таоло даъвогарга айтур: “Бошингни кўтариб назар сол!” У бошини кўтаради ва: “Эй раббим, кумушдан бўлган шаҳарларни ва олтиндан бўлган қасрларни кўрмоқдаман. Бу қайси пайғамбарга, қайси сиддиққа ёки қайси шаҳидга тегишли?” дейди. Аллоҳ: “Бу пулини тўлайдиганга” дер. Банда: “Бунга ким қодир бўлур?” “Бунга сен қодир бўлурсан” “Нима билан?” “Биродарингни афв қилишлик ила”. “Ундай бўлса уни афв қилдим!” дегай банда. Эй инсонлар! Аллоҳга тақво қилинг, ораларингизни ислоҳ қилинг. Чунки Аллоҳ мўминларнинг орасини ислоҳ қилур!


Шоирга эллик минг дирҳам
   Мусъаб ибн Зубайр Мухтор ибн Абу Убайданинг асҳобларидан бўлган бири кишини тутиб, унинг калласини олишга амр қилди. Шунда у киши:
-   Эй амир! Қиёмат кунида мен сенга осилиб олиб, Раббимга: “Эй Раббим! Мусъабдан сўрагин-чи, мени нима сабабдан ўлдирди экан?” десам қандай ҳам ёмон аҳволда қолишингини тасаввур қила оласанми? – деди.
-   Уни қўйиб юборинглар! – буюрди амир.
-   Эй амир! Менга ҳаёимни бахшида қилдинг, энди бир илтифот эт!
-   Унга юз минг дирҳам беринглар!
-   Ота-онам сенга фидо бўлсин, эй амир! Сен гувоҳ қилиб ваъда бераманки, ибн Қайснинг ушбу байтлари учун унга шу пулнинг ярмини бераман!
         Мусъаб Аллоҳ томондан юборилган ёрқин нур,
         Оразин шуъласидан зулмат чароғон бўлур!
Шунда Мусъаб кулиб юборди ва:
-   Сен Худо берган истеъдодинг билан мени ром айладинг! – деб яна эллик минг дирҳам беришга амр қилди – бунга июз минг, шоирга эллик минг.


Ғазабини ютадиганлар
   Ривоят қилибдиларки, Ҳорун ар-Рашид қулига буюрди:
-   Таҳорат олишга сув олиб кел!
Қул сувни олиб келди. Бироқ шошилганидан ва халифанинг ҳайбатидан қўлидан тушиб кетиб идиш синди, сув тўкилиб кетди. Мўминларнинг амири дарғазаб бўлиб уни жазоламоқчи бўлган эди қул:
-   Эй мўминларнинг амир! Аллоҳ таоло:
وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ   (ғазабини ютадиганлар) деган, - деди.
-   Ғазабимни ютдим, - деди Ҳорун ар-Рашид.
-   وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ   (Ва одамларни авф қиладиганлардир).
-   Сени афв қилдим!
-   وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ   (Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради. Оли Имрон. 134)
-   Саҳоватли Аллоҳнинг розилиги учун сени озод қилдим!
   Шундай қилиб чиройли муомала ва фасоҳат эвазига бир қул жазодан қутилиб, озод бўлди.


Ғазабнинг каффорати
   Абу Масъуд Бадрий қўл остидаги қулини қамчи билан аямай урди. Унинг шунчалик жаҳли чиққан эдики, ҳар урган сари сари ўзини тўхтата олмай яна савалар эди. Қул дод солиб ёрдам сўрар, лекин ҳеч ким унга ёрдам бера олмас эди. Шу маҳал орқа томонидан:
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй!
У шунчалик ғазабга минганидан кимнинг овози эканлигини ажрата оладиган аҳволда эмас эди. Овоз яна ҳам яқинроқдан, баландроқ эшитилди:
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй!
Ниҳоят орқасига ўгирилиб қаради-ю, ҳайбат ва қўрқинчдан қалтираб қолди. Қўлидан қамчиси ҳам тушиб кетди. Бошини эгиб мункайиб қолди. Қараса – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам турибдилар!
-   Эй Абу Масъуд, билиб қўй! Билгинки, Аллоҳ сенга бу қулга қодир бўлганингдан кўра қодирроқдир!
Абу Масъуд қилган ишидан уялиб кетди. Гуноҳига каффорат тўлашни ирода қилиб:
-   Эй Аллоҳнинг расули, уни Аллоҳнинг розилиги учун озод қилдим! – деди.
-   Агар шундай қилмасанг эди, дўзах эшигини очган бўлур эдинг, - дедилар Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Жазонинг миқдори
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб айтди:
-   Менинг қулларим бор. Улар ёлғон гапиришади, хиёнат қилишади ва осийлик қилишади. Мен уларни сўкаман, ураман. Энди қиёматда менинг ҳолим қандай бўлур?
-   Қиёмат куни бўлганида уларнинг сенга қилган хиёнатлар, осийликлари, ёлғонлари ва сенинг уларга берган жазоларинг ҳисоб қилинади. Агар сенинг жазойинг уларнинг гуноҳлари миқдорида бўлса сенга кифоя бўлади ҳеч нарса қилинмайди. Агар жазойинг уларнинг гуноҳи миқдоридан ортиб кетса, ўша ортган миқдорда улар сенда қасос олурлар.
   Киши уввос солиб йиғлаб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
-   Аллоҳнинг ушбу Каломини ўқимаганмисан:
وَنَضَعُ الْمَوَازِينَ الْقِسْطَ لِيَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئاً وَإِن كَانَ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِّنْ خَرْدَلٍ أَتَيْنَا بِهَا وَكَفَى بِنَا حَاسِبِينَ
   “Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз”. (Анбиё. 47)
-   Эй Аллоҳнинг расули, - деди у киши, - Сизни гувоҳ қилурманки, улар озоддурлар!


Абдуллоҳ ибн Масъуднинг афви
   Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу рўғорнинг камлари учун бозор-ўчар қилгани чиққан эди, пулини ўғирлатиб қўйди. Одамлар эшитиб қолиб ўғрини қарғай бошлашиди. Шунда ибн Масъуд уларни бу ишдан қайтарди ва дуо қилди:
-   Эй аллоҳ! Агар ўша олган одам муҳтожликдан олган бўлса, олганига барака бергин. Агар муҳтож бўлмай туриб олган бўлса, шу ўғирликни ҳаётидаги энг охиргиси қил!



   Ривоят қилишларича Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир кишидан сўрабди:
-   Сен қандай инсонсан?
-   Мен фитнани яхши кўриб, ҳақни ёқтирмай, кўрмаган нарсасига гувоҳлик бергувчиларданман. – жавоб берди у. Халифа уни қамоққа буюрди, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу эса рад этди ва:
-   У киши тўғри даъво қиляпти, - деди.
-   Қандай қилиб? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Мол ва бола-чақани яхши кўради. Аллоҳ таоло:      إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ      “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (синов)дан бошқа нарса эмас” деган. (Тоғобун. 15). Ўлимни ёқтирмайди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлигига гувоҳлик беради.
-   Умар разияллоҳу анҳу уни қўйиб юборишга амр қилди ва:



Сен Аллоҳнинг мавлосисан
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир қул ҳожаси бурнини кеси юборгалигидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожани чақирган эди унинг хатоларини рўкач қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қулга илтифот қилдилар:
-   Боравер, сен озодсан!
-   Эй Аллоҳнинг расули, энди мен кимнинг мавлоси бўламан? – ҳайрон бўлди қул.
-   Сен Аллоҳнинг ва унинг Расулининг қулсан.
Шундан сўнг унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари кафил бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин эса Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо кафил бўлдилар.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  04 Aprel 2017, 16:05:08

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Меҳрибонлик
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
   “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба. 128)
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
   “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё. 107)
   “Тавба” сурасидан бошқа барча сураларнинг “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошланиши Қурони каримнинг латофатларидандур. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло камоли фазли ва меҳрибонлигидан бандалар билан бўлган муносабатларининг бошланишида барча улуғ ва гўзал исмлари ичидан фақт шу икки исмнигина ихтиёр қилди.
   Аллоҳ таолонинг раҳмат сифати бутун мавжудотни ўз ичига олади. Бундай марҳамат ҳеч кимни ва ҳеч нарсани қолдирмаган, ҳатто заррага қадар бутун борлиқни қамраб олган. Шундандурки, фаришталарнинг дуоларида бу марҳамат намоён бўлган:
رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَّحْمَةً وَعِلْماً فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ
“Эй Раббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин”. (Ғофир. 7)
Бу сифат ҳар кимга ўз насибаси ва камолоти даражасида берилади. Кимга мутлоқ меҳрибонлик насиб қилган бўлса, бу унинг камолотидан нишонадур. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар барча инсонлардан кўра марҳаматлироқ бўлган эса, уларнинг хотами, сарвари коинот Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг мўл насига мушарраф бўлганлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Каломида таърифлаганидек:
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
   “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба. 128)
Шубҳасизки, Ул зотнинг бутун оламга тошиб тўлган раҳмати интилганларни ўзига ошно қилур, узоқдагиларни яқин қилур. Агар ул зотнинг беҳисоб илтифотлари ва беқиёс хушмуомалаликлари бўлмаса эди, қиёматгача куррайи замин бўйлаб тарқалиб боргувчи беназир жамоатга асос сола олмас эдилар. Бу улкан неъматни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Оли Имрон сурасида (159-оятда) зикр қилади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар”.
Ҳа, аслида ҳам шундай. Зеро ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат бўлиб келганлар. Бу муқаддас рисолатнинг гўзал таълимоти башарият табиати ўзида доимо эҳтиёж сезиб турадиган гўзал хислат – муҳаббат, меҳрибонлик ва ошноликка йўғрилган.
Ислом дини шариати бутун олам аҳлига меҳрибонлик қилшга буюриб, бу меҳрибонликни комил имон ва гумонсиз тасдиқнинг белгиси қилиб қўйган. Мусулмон киши унинг қалбида қайси инсонга йўлиқмасин, унга ўз қалбидан ҳиссий хайрихоҳлик ҳиссиётларини ва холис эзгуликни ато айласин, унинг дардига малҳам, кўз ёшига таскин берсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Раҳм қилмагунларингизча мўмин бўлмайсизлар”.
“Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар ҳар биримиз раҳмлимиз!” дедилар.
“Бирингиз ўз соҳибига қилган марҳамати эмас, балки оммага қилган марҳамати раҳмдиллик эрур!” дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Киши ўзининг яқин кишиси ёки дўстига меҳрибонлик қилиши мумкин. Чунки уларга қилган хайру-эҳсонлари бир кун келиб ўзига қайтиши турган гап. Бироқ қачонки ғариб ва бечораҳолларга рўпара келганда улардан узоқроқ бўлишлик бугунги кундаги одатий ҳолат. Бу эса Ислом таълимотларига мутлақо зиддур. Мусулмон киши ҳамиша, ҳар ҳолатда, барча инсонлар учун бирдек саҳоватпеша, кўнгиллар овловчиси бўлиши лозим. Мусулмон киши қалбидаги имоннинг раҳм-шафқат сари чақириғига ижобат қилароқ таниган ва танимаган кишиси учун бирдек кўмакка интилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Ким инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмагай!”
Ҳаётда шундан кимсалар борки, улар ҳақиқатан ҳам меҳр ва мурувватга муҳтож. Уларнинг кўпроғи етимлар, бевалар ва гўдаклар.
Раҳм-шафқат ва меҳрибонлик шундай олийжанобликки, инсон унга амал қилар экан, аввало ўзига хизмат қилгувчиларга, ҳатто тилсиз ҳайвонларгача меҳрибонлик қилиши лозим. Бир аёл мушугини уйга қамаб қўйиб, на ўзи овқат бермаган, на мушук ташқаирга чиқиб овқат топишининг имконини бермаган. Натижада мушук ҳалок бўлгани-ю, аёл айнан шу қилмиши туфайли дўзахга киргани кўпчиликка маълум ва машҳур.
Аллоҳ таолодан бизларга раҳм қилишин, ва оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларгиа эргашиб боришимизга тавфиқ беришин сўраб, шоядки ибрат олсак деган илинжда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асрларида бўлган меҳрибончиликлардан мисол келтиришни ирода қилдик.


Туянинг шикояти
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийларда бирининг боғига кирдилар. Қарасалар туя бор экан. Туя Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрибоқ типирчилаб, дуввиллаб кўзларидан ёшини тўкиб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни силаб қўйган эдилар, жим бўлиб қолди. Туянинг эгасини сўриштирдилар. Бир ёшгина йигит келиб:
-   Бу меники, эй, Аллоҳнинг расули, - деди.
-   Аллоҳ сени молик қилиб қилиб қўйган бу жонивор учун Аллоҳдан қўрқмайсанми? У менга уни оч қолдириб, тинимсиз ишлатишингдан шикоят қиляпти, - дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


Сафийя разияллоҳу анҳонинг шарафи
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавжайи мутаҳҳаралари бўлган Сафийя  бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳонинг шан ва шарафларини ҳимоя қилар эдилар..сафийя разияллоҳу анҳо ўзи Бану Назр қабиласининг яҳидийларидан бўлганлиги учун Оиша ва Ҳафса разияллоҳу анҳолар билан ораларида гап ўтиб қолган эди. Бу иккиси айтдилар :
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида сендан кўра бизларнинг ҳурматимиз юқорироқ!
Сафийя разияллоҳу анҳо уларнинг бу сўзларидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар. Шунда Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам таскин бердилар:
-   Уларга: “Сизлар қанақасига мендан кўра яхшироқ бўласизлар, менинг эрим – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, отам – Ҳорун алайҳис салом, Амаким – Мусо алайҳис салом бўлса?” демадингми? – дедилар.
Ривоят қилишларича Зайнаб разияллоҳу анҳо Сафийя разияллоҳу анҳони “яҳудия” деб лақаблаганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жазолаш ва одоб беришлик учун тўлиқ икки ой ҳажр (айро) қилганлар экан.


Абдуллоҳ ибн Амр
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша разияллоҳу анҳонинг мажлиисда ўтирган бир аёлга эътибор қаратиб қолдилар. Аёлнинг кийимлари эски, чиройли юзларидан ғам-андуҳ аломатлари яққол сезилиб турар, нигоҳлари синиқ, кайфияти тушкун эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлнинг турмуши анча фаровон, ўзига анча тўқ оиладан эканлигини билганларидан бу тушкунликнинг яна қандай сабаби бўлиши мумкинлиги ҳақида сўрадилар. Аёл айтдики, унинг эри Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо кундузлари доимий рўзада, кечалар доимий намозда бўлганлигидан ибодатдан ошиниб бунга вақт ажрата олмаётганлигини айтди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳни чақиртирдилар ва унга ғамхўрлик ила насиҳат қилдилар:
-   Менга етиб келган сўзларга қараганда сен кундузлари рўза тутиб, кечалари қиём турар экансан. Ундай қилмагин. Чунки, сенинг зиммангда баданингнинг ҳақи бор, кўзингнинг ҳақи бор ва хотинингнинг ҳам ҳақи бор. Рўза тут ва тутмай ҳам юр.
Ушбу насиҳатдан сўнг ҳеч қанча фурсат ўтмай у аёл яна Оиша разияллоҳу анҳонинг зиёратига келди. Бу сафар ўзига оро берган, атир-упа истеъмол қилган, чиройли кийиниб олган, юзларида мамнунлик аломатлари сезилиб турар эди.


Отамдан кўра яхшироқ ота
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак Рамазон хайити куни чопқиллаб ўйнаб турган болаларнинг ёнларидан ўтиб қолдилар. Уларнинг орасида бир бола ўзи алоҳида йиғлаб ўтирар эди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнига бориб сўрадилар:
-   Эй болакай, нега йиғлайдирсан? – деб сўрадилар.
-   Эй амаки, қўяверинг, менинг дардимни сўраманг! Менинг отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган ғазотда вафот этди. Энди мен шундай хайит байрам кунида кўнглимга сурур бағишловчи ота топа олмайман! – жавоб берди бола.
-   Хоҳлайсанми, мен сенга ота бўламан, Фотима опа бўлади, Оиша она бўлади?
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мени афв қилинг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани етаклаб уйига олиб бордилар. Қорнини тўйғазиб, кийим кечак кийдирдилар. Қўлига озроқ пул бериб:
-   Энди бориб ўртоқларинг билан ўйнайвер! – дедилар.
Бола фахру-ифтихорда қайтганини кўрган ўртоқлари сўрашди:
-   Сенга не бўлди, боягина йиғлаб ўтирган эдинг, энди бўлса ўзингда йўқ хурсандсан?
-   Отамдан кўра яхшироқ отани, онамдан кўра мукаррамроқ онани кўрдим! – жавоб қилди болакай.



Оламларга раҳмат бўлган зот
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмига озор берганларга ҳам ўзларига муносиб муомалада бўлар бўлар эдилар. Агарда Аллоҳ таолога дуо қилсалар эди, душманлари ҳалок бўлгай эди. Ҳолбуки кейинги авлодга ибрат бўлишлиги учун улардан интиқом олишнинг имкони кўп бўлган, лекин ул табаррук зот уларнинг ёмонликларига қаши яхшлик билан, жабру-жафоларига кечириш билан жавоб берганлар.
Бир куни онамиз Оиша разияллоҳу анҳо сўради:
“Сизнинг бошингизга ҳар қачонгидан ҳам оғирроқ кун келганми?”
Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
“Қавмимга йўлиққанларим ичида энг ашаддийроғи Ақаба кунида бўлган. Ўшанда мен шахсан ўзим Лайл ибн Абдукалолга юзланган эдим, у эса мен хоҳлаган нарсага ижобат қилмаган эди. Чеҳрамда ғам-андуҳ билан қайтдим. Бир маҳал бошимни кўтарсам, устимда булут менга соя ташлаб турибди. Қарасам, Жаброил алайҳис салом турибди. Менга нидо қилди:
-   Аллоҳ таоло қавмингизнинг сўзларини ва уларнинг инкор қилганларини эшитди ва Сиз хоҳлаганингизни буюришингиз учун тоғлар фариштасини юборди.
Тоғлар фариштаси менга:
-   Раббим мени буйруғингизни бажариш учун ҳузурингизга юборди. Нимани хоҳлайсиз? Агар хоҳласангиз Маккадаги иккала тоғни уларнинг устига ташлаб қўяман! – деган эди”.
Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан шундай деган эдилар:
-   Йўқ! Мен Аллоҳ таоло уларнинг зурриётларидан Аллоҳга ширк келтирмасдан ёлғиз Ўзигагина ибодат қиладиган авлодлар чиқишидан умидворман!


Ҳотиб ибн Абу Балтаъа
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қўшин жўнатар экан Ҳотиб ибн Абу Балтаъа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга қўшин ҳозирлаётганининг хабарини бериб Қурайшга хат ёзиб бир аёлга берди. Аёл хатни сочининг орасига яшириб олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг ортидан Али ибн Абу Толиб ва Зубайр ибн Аввомни жўнатиб, тайинладилар:
-   Унга етиб олинглар. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа у билан Қурайшни қўшин тўплаганимиздан огоҳлантириб хат ёзишган.
Булар йўлга чиқиб етиб олдилар ва ундан хатни олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳотибни чақиртириб бу ишга уни нима мажбур қилганини сўрадилар.
-   Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳга ва расулига имон келтирган  мўминдурман! – жавоб берди Ҳотиб, - Бошқа одам бўлганим ҳам,ўзгарганим ҳам йўқ. Лекин мен шундай кишиманки, қавмда менинг тарафимни олгувчи бирор аҳл ёки яқиним йўқ. Уларнинг орасида фарзанд ва аҳлим бор. Улар учун шундай чора қилган эдим.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, уни менга қўйиб беринг, бўйнига қилич солай. Бу киши мунофиқлик қилди! – деди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй умар, сен қайдан билурсан, ҳолбуки Аллоҳ Бадр кунида Бадр соҳибларига: “Хоҳлаганингизни қилингиз! Батаҳқиқ, мен сизларни мағфират қилдим!” деб хуш хабар берган бўлса, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.


“Умматим! Умматим!!”
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Иброҳим” сурасидаги:
رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ فَمَن تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан” оятини ва Исо алайҳис саломнинг ушбу сўзларини тиловат қилдилар:
إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
“Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан”. (Моида. 118)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб:
“Эй Аллоҳ! Умматим!! Умматим!!!” деб йиғлаб юбордилар. Аллоҳ азза ва жалла Жаброил алайҳис саломга амр қилди:
“Эй Жаброил, Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдига бор. Раббинг билгувчироқдур. Айт: “Биз Сизни умматингиз ишида рози қилурмиз, ҳаргиз хафа қилмагаймиз!”
Салмон форсийнинг озод бўлиши
Слмон форсий разияллоҳу анҳу Бани Қурайзалик яҳудийнинг қули эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб мусулмон бўлди. Бундан ҳожаси қаттиқ ғазабланди ва унг ёмон муомала қила бошлади. Салмон разияллоҳу анҳу бу ғақд Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эди ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Салмон мукотаба қил, - дедилар. (“Мукотаба” – шартнома асосида қулликдан озод бўлиш)
Унинг ҳожаси уч юз туп хурмони экиб бериш ва қирқ уқияга шартнома қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобига:
-   Биродарингизга ёрдам қилинглар, - дедилар.
-   Саҳобалар ёрдам қила бошладилар. Кимдир ўттиз туп хурмо кўчати, яна кимдир йигирма, бошқаси имконига қараб ўн беш, ўн тупдан ёрдам қилиб уч юз туп хурмо тўпладилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-    Эй Салмон, кўчатга чуқур ковла, ўз қшлларим билан ўтқазай, - дедилар. Салмон дўстлар кўмагида кўчат учун чуқурларни ковлаб бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар. Салмон разияллоҳу анҳу кўчатларни олб келиб берди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан кўчатларни экдилар. Салмон разияллоҳу анҳу айтади:
“Салмоннинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, кўчатларнинг бирортаси ҳам нобуд бўлмади. Шундай қилиб шартномага кўра хурмо кўчатларини адо қилдим. Ўзим ҳам бир қанча маблағга эга бўлдим. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тухумдек келадиган олтин кўтариб келдилар.
-   Эй Салмон, буни ол, қолган қарзингни ҳам адо қил, - дедилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, менда бунча олтинни қайтариш имкони йўқ, - дедим.
-   Олавер буни. Аллоҳ сендан буни соқит қилгай!
Уни олдим. Кейин торттириб кўрсам, Аллоҳга қасамки, роппа-роса қирқ уқия чиқди! Мен ҳожамнинг ҳақини адо қилиб олдим”
Шундай қилиб Салмон разияллоҳу анҳу қулликдан озод бўлди.


Зиммангдаги ҳақлар
Салмон форсий дўсти абу Дардони зиёрат қилгани борди. Унинг хотини увада кийимда эди. Унинг бу ҳолат Форсийга ёқмади. Аёл бунинг сабабини айтди:
-   Абу Дардо кундузлари рўзадор юради. Кечалари ухламай намоз ўқийди. Аёлларга рағбати йўқ.
Суҳбат асносида Абу Дардо ҳам етиб келди. Хотинга меҳмонга дастурхон тайёрлашни буюрди. Овқат ҳозир бўлгач Салмонни овқатга таклиф қилиб, ўзи рўзадор эканини изҳор қилди. Форсий мезбон шерик бўлмаса ҳаргиз емаслигини айтди. Шунда рўзасини очишга мажбур бўлди ва бирга овқатланди. (Албатта, бу нафл рўза эди)
Қоронғу тушиб кеч кирди. Мезбон меҳмонни ўринга кириб ётиб дам олишга илтифот қилди. Ўзи эса кечаси бедор бўлиб намоз ўқишини айтди. Меҳмон эса бу сафар ҳам у дам олиб ётсагина ўрнига ётишини айтиб туриб олди. Меҳмоннинг айтганига қулоқ солишга мажбур бўлган Абу Дардо кириб ухлашга мажбур бўлди. Тонг отгач Абу Дардо Салмон унинг рўзасини барбод қилиб, тунни ибодатсиз ўтказишга мажбур қилганини айтиб, шикоят қилди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам оламлар Тангрисининг раҳматига ва Исломий бағрикенгликка юзланиб:
-   Эй Абу Дардо! Сенинг зиммангда Раббингнинг ҳақи ҳам бор, баданингни ҳақи ҳам, хотинингнинг ҳақи ҳам бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо қилгин!


Миқдоднинг уйланиши
Миқдод ибн Асвад Қурайшнинг бадавлат кишиларидан эди. Бир куни Абдураҳмон ибн Авф гаплашиб ўтириб сўраб қолди:
-   Нега уйланмаяпсан?
-   Қизингни берасанми? – у ҳам бунга савол берди. Абдураҳмоннинг ғазаби қўзиб кетиб, Миқдодга анча қўпол сўзлар айтиб юборди. Миқдод ундан шикоят қилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг хотирини жам қилиб, таскин бериб:
-   Мен сени уйлаб қўяман, - дедилар-да амакиларининг қизи – Зубайр ибн Абдулмутталибнинг қизи Зибоъани олиб бердилар.


Қушнинг меҳрибонлиги
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби билан суҳбат қилиб ўтирган эдилар, бир кийинган киши келиб қолди. Қўлида нимадир бир нарса бўлиб у нарсани кийимига ўраб олган эди. У сўз бошлади:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен Сизни кўриб ёнингизга келдим. Мен шохлари чирмашиб кетган бир дарахтнинг олдидан ўтаётиб полапонларнинг чинқириганини эшитиб қолдим. Уларни олиб кийимимга ўраб олдим. Полапонларнинг онаси келиб бошимда айлана бошлади. Мен кийимимни очган эдим, она қуш полапонларнинг ёнига қўнди. Мен уни ҳам қўшиб ўраб олдим. Мана улар.
-   Уларни қўй-чи, - дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Йўловчи кийимни очиб, қушларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларига, ерга қўйди. Она қуш чинқирганича дарҳол болаларига интилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан сўрадилар:
-   Она қушнинг полапонларига бўлган меҳрибончилигидан ажабланяпсизларми?
-   Ҳа, - дейишди саҳобалар.
-   Мени ҳақлик билан юборган Зотга қасамки, она қушнинг полапонларига меҳрибонлигидан кўра Аллоҳ бандаларига меҳрибонроқдир. Тур, буларни олиб қайт! Буларни ва оналарини ўз ўз ўринларига қўй! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Йўловчи буйруққа итоат этиб уларни ўз жойига олиб бориб қўйди.


Раҳмат тажаллийси
Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўғли Абдуллоҳ айтади:
“Отам вафот этиб, уч кун ўтганидан кейи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларникига келдилар.
-   Бугундан кейин бу биродарим учун йиғламанглар! Менга биродаримнинг ўғилларини  чақириб юборинглар, - дедилар.
Бизлар жўжа болалардек тизилиб турдик.
– Сартарошни чақиринглар! – дедилар.
Сартарош келиб сочларимизни олди. Сўнгра бизларга енгилгина мутойиба қилиб:
-   Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакимиз Абу толибга ўхшар эди. Абдуллоҳ эса, кўринишда ва ахлоқда менга ўхшайди, - деб қўлимдан тутиб, юқори кўтардилар ва: - Эй Аллоҳ! Абдуллоҳни Жаъфарнинг ахлига ўринбосар қилгин! Унинг қасамёдига барака бергин, - деб уч бор дуо қилдилар”.
Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зотларида тажаллий қилган меҳрибонликнинг муборак кўринишларидан бири эди.


Ҳар бир жониворда ажр бордир!
Бир киши ўта ташналикка дучор бўлиб қудуқ бошига етиб борди. Ундан сув ичиб энди қайтаётган эди. Қараса – бир ит ташналикдан тиллари осилиб, нам тупроқни ялаб ётган экан. Йўловчи ўйлади: “Бунга ҳам менга етишган ташналик етибди-да!” Яна қайтиб қудуқ бошига борди. Этигини тиши билан тутиб сув тўлдирди. Кейин ўрнидан туриб бориб, итни суғорди. Аллоҳ уни мағфират қилди.
Саҳобалар сўрадилар:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бизларга ҳайвонларда ҳам ажр борми?
-   Ҳа, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: - Ҳар бир жигарли жониворда ажр бордур.


Фарзандига шафқат қилмаган...
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу болаларини ўпиб, эркалаб ўтирган эди. Шу жойда ҳозир бўлган волийларидан бири:
-   Эй мўминларнинг амири, болаларингизни ўпасизми? – деб сўраб қолди.
-   Ҳа, ўпаман, - жавоб берди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Менинг ўнта болам бор. Мен уларни ҳеч ўпмаганман. Қачон уйга кирсам уларнинг овози ҳам, саси ҳам чиқмай қолади.
-   Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан меҳрибонликни олиб қўйибди-ю, мен сени чна волийликка қўйибманми?! Фарзандларига-ки, шафқат қилмаган кимса улусга шафқат қилурми?! – деб Умар разияллоҳу анҳу уни вазифасидан четлаштирди.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  29 Aprel 2017, 16:48:58

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
Эҳсон ва саҳоват
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
   “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)

   Эҳсон олийжаноб зотларнинг шиорлари, табиатан меҳрибонликнинг нишонаси ва фақатгина ҳар бир нарсанинг сирру-асроридан хабардор бўлган Зот – Аллоҳ таоло томонидангина ато этилажак илоҳий илҳомдур.  Ҳақ таоло уни Ўз фазли ва карами ила вужудлардан шақоватни ўчириш, кўнгли яримларнинг бошларини силаш, инсонларлар ўзаро ҳасадлашмасдан гина-адоват ва нафларатларсиз,  ака-укадек аҳил бўлиб яшашлари учун қалбларнинг тубига жойлаб қўйгандир.
   Ислом дини таълимотларида эҳсонга тарғиб қилинади. Бун ҳақда кўплаб оятлар ва ҳадислар собит бўлган. Аллоҳ таоло садақа билан яхшиликка буюриб, инсонлар орасини ислоҳ қилишни  боғлиқ қилиб қўйган ва шундай марҳамат қилган:
   لاَّ خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِّن نَّجْوَاهُمْ إِلاَّ مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلاَحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتَغَاء مَرْضَاتِ اللّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْراً عَظِيماً
“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз”. (Нисо. 114)
Фақир ва муҳтожларга нафақа қилишликни мўминларнинг энг машҳур ва бошқалардан ажратиб тургувчи асосий сифатларидан қилиб қўйди. Бу ҳақда Анфол сурасида баён қилган:
* إ نَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ * الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُؤْمِنُونَ حَقّاً ...*
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир”. (2 – 4)
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга хабар қилганларидек, садақанинг ози ҳам, ҳатто яримта хурмо бўлса ҳам дўзах азобидан ҳимоя бўлгай.
Шубҳасизки, бу ҳадиси шарифда гарчи бизнинг назаримизда арзимас бўлса-да, садақа қилишликка ва эҳсон соҳибининг улкан ажрлар олишига тарғиб бор. Яъни айтдиларки:
“Агарчи яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланиб қолинг”.
Ва яна айтдилар:
“Сув оловни ўчирган каби садақа хатоларни ўчирур”.
Шу сабабдандурки, Ислом асрида эҳсон ва садақа соҳиблари кўпайиб кетди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, садақа ва эҳсон миннат ва мақтанчоқлик билан бўлса қабул бўлмагай.
Саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва узотнинг асҳобларининг ҳаётларидан латофатли ҳикояларни келтиришини лозим топдик.


Фақирликдан қўрқманг!
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хайру-эҳсон қилишликда инсонларнинг энг саҳоватлироғи эдилар. Онамиз Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо тўққиз минг дирҳам берган эди, ҳаммасини тақсимлаб юбордилар. Бирор нарса сўраб келганки одамнинг бирортасини ҳам қайтармасдан борини бериб юбордилар. Ҳамма нарса тугаганидан кейин яна бир киши келиб сўради.
-   Менда ҳеч нарса йўқ, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, - Лекин хоҳлаган нарсангни менинг номимдан сотиб олавер. Биз уни адо қилиб қўямиз.
Умар разияллоҳу анҳу:
-   Аллоҳ қодир бўлмаган ишингизга буюрмайди-ку? – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Умар разияллоҳу анҳунинг бу сўзлари ёқмади. Буни сезган ансорий сўз қўшди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, нафақа қилаверинг! Фақирликдан қўрқманг, зеро Арш Соҳиби бор!
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва:
-   Мен шунга буюрилганман, - дедилар.


Чиройли чопон
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл тўқилган чопон олиб келди ва илтифот қилди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бу чопонни ўз қўлларим билан тўқиганман. Шуни Сизга кийдирсам, деб келдим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чопонга эҳтиёжлари бор эди. Шунинг  учун уни қабул қилиб кийиб олдилар. Сўнг саҳобаларининг олдиларига чиқдилар. Саҳобаларнинг бири ушлаб кўриб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, яхши чопон экан. Қани энди менда ҳам шундай чопон бўлса эди, - деб табриклади.
-   Ҳа, - деб қўйдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Уйга кирганларидан кейин янги чопонни ечдилар-да, тахлаб ўша саҳобийга бериб юбордилар.


Усмондан розиман
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобайи киромларнинг олдиларига чиқдилар. Уларни қўшинга ёрдам беришга тарғиб қилдилар. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна тарғиб қилдилар. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан бир поғона тушдилар ва яна тарғиб қилдилар.
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу яна:
-   Мен юзта туя бераман, аслаҳа ва анжомлари билан! – деди.
Шунда Расули акрам Қўллари билан ишора қилиб:
-   Усмонга бундан кейин нима қилса ҳам зарари йўқ, - дедилар. Сўнг дуо қилдилар: - Эй Аллоҳ, Усмондан мен розиман, Сен ҳам рози бўл!


Яхшилик мусобақаси
Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу камбағал кекса аёлга моддий ёрдам олиб, ҳолидан хабар олгани борган эди, кампир:
-   Ҳозиргина бир киши келиб, ул-бул нарса бериб кетди, - деди.
Бошқа сафар Умар разияллоҳу анҳу яна шу кампирга ҳадялар олиб келди. Кампир яна ўша сўзни айтди. Шундан сўнг ҳазрат Умар ким экан, эҳсон қилишда мендан ўзиб кетаётган киши, деб ўша дарвозани пойлашга тушди.
Бир маҳал юзини тўсган бир киши оҳиста, пинҳона келиб, эҳсонларини бериб кетди. Умар разияллоҳу анҳу шошиб унинг ортидан эргашди. Бориб юзидан пардани олиб қараса, бу пешқадам зот – Абу Бакр разияллоҳу анҳу экан. Умар разияллоҳу анҳу:
-   Аллоҳга қасамки, бу эзгуликда Сиздан бошқаси мендан ўзиб кетмаслигин билар эдим, - деди.


Ҳазрат Билолнинг озод бўлиши
Билол разияллоҳу анҳу Умайя ибн Ҳалафнинг мулкидаги қул эди. Мусулмон бўлгани учун уни Умайя қаттиқ азобларга солди. Офтобнинг энг қиздирган маҳалида беаёв азоблаётган пайтида Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Инсоният учун шармандалик бўлган бу чидаб бўлмас, нафратга муносиб манзаранинг гувоҳи бўлгач:
-   Эй Умайя! Бу мсикинни бунчалар турли азоблар билан қийнагани Аллоҳнинг азобидан қўрқмайсанми?
-   Буни бузган сен ўзингсан! Қўлингдан келса қутқариб ол! – деди Умайя.
-   Эй Умайя! Ундай бўлса, менинг бир ҳабаш қулим бор. Бундан кўра анча бақувват. У айнан сенинг динингда. Билолни ўшанга алмаштирасанми?
-   Келишдик. Ол, бу – сенга!
Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўз қулини унга топширди. Бадалига Билол разияллоҳу анҳуни қабул қилиб олди ва:
-   Саҳоватли Аллоҳнинг йўлида сен озодсан, - деди.


Аллоҳ ҳам ажабланди
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен очман, - деди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан биридан егулик сўрадилар.
-   Сизни ҳақлик билан борган Зотга қасамки, менда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, - деган жавоб бўлди. Кейин бошқа бирига бордилар. Шу жавоб. Қолган аёлларида ҳам шундан ўзга жавоб бўлмади. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Бу кишини шу кеча ким меҳмон қилади? Аллоҳ раҳм қилсин ундай кишини, - деб асҳобларига юзландилар. Ансорлардан бири ўрнидан туриб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, мен меҳмон қилурман! – деди. Мискин кимсани етаклаб уйига олиб борди. Хотинидан сўради:
-   Бирор егулигинг борми?
-   Йўқ, болачаларга яраша озгина егулик қолган эди, холос, - жавоб берди аёл.
-   Ундай бўлса, уларни бирор нарса билан машғул қилиб тур. Мабодо кечки овқатни емоқчи бўлиб қолсалар, ухлатиб қўй. Меҳмонимизга овқатни олиб кираётганингда чироқни ўчириб қўй. Унга ўзимизни овқатланаётгандек қилиб кўрсатамиз.
Таомни келтирдилар. Меҳмон тановул қилди. Булар иккиси ва ёш болалари ҳеч нима емасдан тонг оттирдилар. Эрталаб хонадон соҳиби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрибоқ:
-   Сизларнинг меҳмонга қилган илтифотларингиздан ҳатто Аллоҳ азза ва жалла ҳам ажабланди, - деб хушхабар бердилар.



Қарз учун гаров
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибратли сўзлари, амаллари, эҳсонлари ва меҳмондўстликлари билан бутун башариятга намуна ва ўрнак бўлганлар. Бу тўғри аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб. 21)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Рофеъ айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига меҳмон келди.
-   Фалончи яҳудийнинг уйига бориб, уйимга меҳмон келганини айт. Ражаб ойи киргунча менга ундан қарзга бериб турсин, - дедилар мега Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Яҳудийнинг олдига борсам, у:
-   Аллоҳга қасамки, гаровга бирор нарса бермаса, мен ҳам қарз бермайман, - деди. Бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу сўзларни айтдим. Ҳазрат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Аллоҳга қасамки, мен осмонда ҳам омонатдорларданман. Қарз берса, албатта адо қилмай қолмас эдим. Майли, энди бориб манави совутимни гаровга бериб кел, - дедилар”.



Қавмнинг улуғлари
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларининг бирига кирдилар. Саҳобалар ҳам шу хонадонга кирдилар. Уларнинг кўплигидан жой торлик қилиб қолди. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажилий келиб қолди. У қавмининг сўзи қайтмайдиган, обрўли кишиларидан эди. Ичкаридан унга жой етмаганидан пойгакда ўтиришига тўғри келиб қолди. Бу ҳолатни кўрган сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ридоларини ечиб унга узатдилар ва:
-   Мана бунга ўтир, - деб илтифот қилдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ муборак ридони юзларига суртиб, ўпди ва йиғлади. Сўнг Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб берди ва:
-   Менм қандай ҳурмат қилган бўлсангиз Сизни ҳам Аллоҳ ҳурмат қилсин, эй, Аллоҳнинг расули! Сизнинг кийимингизнинг устига ўтириш бизга муносиб эмас, - деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг ва сўл томонларига назар ташладилар ва:
-   Сизларнинг ҳузурларингизга қавмнинг ҳурматли кишилари келиб қолса, сизлар унинг ҳурматини жойига қўйинглар! – дедилар.


“Кийимингизни берар экансиз”
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар, бир ёш бола келди.
-   Онам Сиздан кийишга кийиб сўраб юборди, - деди.
-   Ҳадемай бирор кийим тушиб қолса бераман. Хабар олиб тур, - деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани жўнатиб юборди. Бола онасининг олдига бориб бу сўзларни айтган эди, онаси яна қайтариб жўнатди ва тайинлади:
-   Яна қайтиб бор, “Ўзингизнинг кийимингизни бўлса ҳам берар экансиз”, деб айт!
Бола Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онасининг гапини айтди. Шунда жаноб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уй ичларига кириб, устидаги кийимни ечиб чиқдилар ва болага бериб юбордилар. Ўзлари эса кийимсиз қолдилар.
Намоз вақти бўлиб Билол разияллоҳу анҳу азон айтди. Мусулмонлар намозга тўплани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб анча ўтирдилар. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кийиб чиқ кийимлар йўқлиги учун чиқа олмадилар.


Назрига вафо қилганлар
Ҳасан ва Ҳусайн бетоб бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираларини кўргани Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо билан бордилар. Ҳазрат Умар Али разияллоҳу анҳумога:
-   Ўғилчаларингни номидан назр қилсанг, тузалиб кетишар эди, - деди.
-   Хўп. Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди.
-   Мен ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Биз ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб берамиз, - дейишди.
-   Мен ҳам Аллоҳга шукрона учун уч кун рўза тутиб бераман, - деди жория.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб Ҳасан ва Ҳусайнлар тезда шифо топиб кетдилар. Хонадон аҳллари ваъдаларига мувофиқ рўза тутдилар. Ифторлик қилгани ҳеч вақо қолмаган эди. Али разияллоҳу анҳу Шамъун исмли жундан ип йигирувчи яҳудий қўшнисиникига чиқиб сўради:
-   Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизига уч соъ арпа унни эвазига ип йигириб беришга жунлардан берасанми?
-   Майли, - деди Шамъун ва жундан берди.
Али разияллоҳу анҳу Фотима разияллоҳу анҳога жун ва арпа унни олиб кирди. Фотима разияллоҳу анҳо дарҳол қабул қилди. Жундан ип йигирди. Ундан бир соъ олиб хамир қорди. Сўнг ўша хамирдан хонадон аҳлининг ҳар бирига биттадан беш дона нон ёпди. Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан фориғ бўлгач, уйига қайтди. Дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, бир мискин эшик олдига хайр-эҳсон сўраб келиб қолди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир мискин мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари сувдан бошқа нарса истеъмол қилмай оч-наҳор тонг оттирдилар.
Эртасига арпа уннинг яна бир қисмини хамир қилиб, яна кечагидек хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди. Назрларига кўра иккинчи кун рўзаларини тутдилар. Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан қайтгач, дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, яна эшик қоқилди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир етим, мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари бу кеча ҳам сувдан бошқа нарса истеъмол қилмай оч-наҳор тонг оттирдилар.
Эртасига хонадон аҳллари яна рўза тутишди. Фотима разияллоҳу анҳо жуннинг қолганини ҳам йигириб, уннинг қолганини хамир қилиб, хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди.
Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқиди. Намоздан қайтгач, дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, яна кимдир эшик қоқди:
-   Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Бизни кофирлар асир қилиб олишди. Боғлаб қўйиб ҳеч нарса беришмади.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари бу кеча ҳам оч қолдилар.
Али разияллоҳу анҳу ўғилларини олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бордилар. Болалар очликдан қалтирар эди. Уларнинг ҳолларини кўриб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Абу Ҳасан, анча машаққатга дучор бўлибсиз. Юринглар, қизалоғимнинг олдига борайлик, дедилар.
Улар борсалар, Фотима разияллоҳу анҳо меҳробда дуога машғул бўлиб турган экан. Очиликдан қорни бучкайиб, кўзлари ичига кириб қолган эди. Қизининг ҳолатини кўриб:
-   Эй Худойим! Муҳаммаднинг аҳли очликдан ўлар ҳолатга етибди-ку! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатар-тугатмас, Руҳул амин ваҳий келтириб қолди. Аҳли байтнинг шаънини улуғлагувчи  оятлар нозил бўлди:

“Улар назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонликлари кенг ёйилгувчи бўлган Кундан қўрқурлар. Ва таомни яхши кўриб турсалар-да, мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): “Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг важҳи учун таомлантирурмиз. Сизлардан бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва уларга жилва, сурур баxш этди. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва ипак (либослар) билан мукофотлади”. (Инсон. 7 – 11)


Баракали маржон
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан намозни адо қилдилар. Намоздан сўнг қибла томонга ўтирдилар. Одамлар атрофга жойлашиб ўтиришди. Шу ҳолатда муҳожир араблардан бир кекса киши келди. У қариликдан ўзини зўрға тутар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳурмат билан кутиб олдилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули, - сўз блошлади қария, - Мен оч қолган кимсаман, мени тўйдиринг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
-   Мен ҳозирда сенга бирор нарса топиб бера олмайман. Лекин яхшиликка далолат қилган киши ўшани қилган каби бўлур. Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган, уни ҳам Аллоҳ ва Унинг  Расули яхши кўрадиган, ўз нафсидан Аллоҳни устун қўядиган инсоннинг олдига бор – Фотиманинг ҳужрасига бор! – сўнг Билол разияллоҳу анҳуга юзландилар, - Тур, Билол! Бу кишини Фотиманинг уйига олиб бор!
Аъробий ҳазрат Билол билан йўлга тушди. Фотима разияллоҳу анҳонинг уйларига етганида баланд овоз билан нидо қилди:
-   Ассалому алайкум, фаришталарга тўла бўлган, Руҳул Амин Жаброил оламларнинг Раббисининг ҳузуридан нозил бўлиб келиб турадиган  нубувват хонадонининг аҳллари!
-   Ким бу? – сўради Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Мен бир кекса арабман. Узоқ юртлардан келиб башариятнинг саййиди бўлган отангнинг қабулида бўлдим. Эй Муҳаммаднинг қизи! Мен қорни оч, усти яланғоч кимсаман. Менинг кўнглимга малҳам бўл! Аллоҳ сенга раҳм қилсин!
Бу пайтда Фотима разияллоҳу анҳо, Али разияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учинчи кеча туз тотмаган эдилар. Ҳасан ва Ҳусайнлар ётадиган ошланган қўй териси бор эди. Фотима разияллоҳу анҳу ўшани берди-да:
-   Эй йўловчи, буни ол! Шоядки бирор фойдаси тегиб қолса, - деди.
-   Эй Фотима! Мен сенга очликдан шикоят қилсам, сен менга қўйнинг терисини беряпсан. Энди мен нима қиламан?
Бу сўларни эшитиб Фотима разияллоҳу анҳо бўйнидаги маржони ечиб берди:
-   Манавини олиб сотсанг, шоядки Аллоҳ сенга сўраганингдан ҳам кўра яхшироғини берса!
Аъробий маржонни олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ила ўтирган эдилар. Аъробий сўз бошлади:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Қизингиз Фотим менга манави маржонни бериб: “Манавини олиб сотсанг, шоядки Аллоҳ сенга сўраганингдан ҳам кўра яхшироғини берса”, деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар. Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу бу ҳолни кўриб сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, марваридни сотиб олишимга рухсат берурмисиз?
-   Сотиб ол, эй Аммор! Уни инсонлару жинлардан ким сотиб олса, Аллоҳ уларни дўзахда азобламас, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Эй аъробий, қанчага сотасан? – сўради Аммор разияллоҳу анҳу.
-   Нон ва гўшт билан қорнимни тўйғазиб очлигимни кетказишга, авратимни тўсиб Раббим учун намоз ўқишга кифоя қилгувчи ямоний чопонга  ва уйимга етиб олиш учун бир динорга сотаман, - жавоб берди аъробий.
Аммор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган жангда ўлжага олган камонини сотган, ўша пулдан боша ҳеч нарсаси йўқ эди.
-   Мен сенга йигирма динор, икки юз дирҳам ва ямоний чопонни бераман. Мана бу туямда уйингга етиб оласан. Қорнингни буғдой нон ва гўшт билан тўйдираман, - деди Аммор разияллоҳу анҳу.
-   Сен намунча саҳийлик қилмасанг?
Улар иккиси жўнаб кетишди. Аммор айтганларини адо қилди. Сўнг аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига олиб келди.
-   Қорнинг тўйиб, кийимли бўлдингми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули. Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ҳожатимни чиқардингиз.
-   Бунинг учун Фотимадан миннатдор бўл, - дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аъробий дуога қўл очди:
-   Эй Аллоҳ! Сен бизларни йўқдан бор қилган Зотсан! Сендан бошқа бизлар ибодат қилишимизга лойиқ илоҳ йўқ. Сен ҳамма нарсадан доимо хабардор Зотсан. Фотимага кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган ва инсон зотининг хаёлига келмаган неъматларингни ато айла!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг дуосига “Омин!” дедилар. Сўнг асҳобига юзланиб:
-   Аллоҳ Фотимага бу сўралган нарсаларни дунёдаёқ бериб қўйган. Инчунун, менг унинг отасиман. Ҳолбуки бу оламда мендек кимса йўқ. Али унинг турмуш ўртоғи. Агар али бўлмаса эди, Фотимага ҳеч қачон муносиб бошқа инсон бўлмас эди. Унга яна Ҳасан ва Ҳусайнни берди. Оламда уларнинг монанди йўқ. Йигитларнинг саййидлари, пайғамбарларнинг асботлари (набиралари), жаннат аҳли йигитларининг саййидлари.
Бу даврада Миқдод ибн Амр, Аммор ва Салмон разияллоҳу анҳумлар бор эди. Уларга қараб:
-   Сизларга яна зиёда қилиб берайми? – деб сўрадилар.
-   Ҳа, - дейишди.
-   Жаброил (алайҳис салом) келиб: “Қачон Фотима вафот этиб, дафн қилиниб, қабрга қўйилса “Раббинг ким?” деб сўралур. “Аллоҳ – менинг Раббим” дер. Сўнг сўралур: “Пайғамбаринг кимдур?” “Отам” деб жавоб берур”. Сизларга унинг фазилатларидан яна айтиб берайми? Аллоҳ азза ва жалла унга олд томонидан, орқа томонидан, ўнг томонидан ва чап томонидан муҳофаза қилиб тургувчи фаришталар гуруҳини вакил қилиб қўйган. У фаришталар Фотима билан ҳаётлик пайтида бирга бўлурлар. Вафот этганидан кейин қабрида унга, отасига, эрига ва ўғилларига салавотни кўпайтириб турурлар. Ким мени вафотимдан сўнг зиёрат қилса, гўёки тириклигимда зиёрат қилган каби бўлур. Ким Фотимани зиёрат қилса, гўё мени зиёрат қилгандек бўлур.
Аммор маржонни олиб унга мушки анбар суртди ва ямоний чопонига ўради. Унинг Саҳм исмли ғуломи бор эди. (“саҳм” – камоннинг ўқи). Хайбарда Амморга камон ўқи текканидан унинг исмини шундай қўйган эди. Унга айтди:
-   Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб қўй. Сен ўзинг ҳам у зотга совғасан!
Саҳм Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мржонни олиб бориб, Амморнинг сўзларини етказди.
-   Фотиманинг олдига бор. Маржонни унга қайтариб бер. Сен ўзинг ҳам Фотимага совғасан! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Саҳм Фотим разияллоҳу анҳонинг олдига бориб, маржонни топширди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказди. Фотима разияллоҳу анҳо маржонни олиб, ғуломни озод қилиб юборди. Ғулом кулди.
-   Нега куляпсан? – сўради Фотима разияллоҳу анҳо.
-   Сенинг ишингга куляпман. Бу маржоннинг баракасини қара – оч қолганни тўйдирди, яланғоч қолганни кийдирди, камбағални бой қилди, бир қулни озод қилди ва яна эгасига қайтиб келди.



Аллоҳга қарз қилдим
Абдуллоҳ ибн масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
مَن ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضاً حَسَناً فَيُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُ أَجْرٌ كَرِيمٌ
“Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир” (Ҳадид. 11) ояти нозил  бўлганида Абу Даҳдоҳ ансорий сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, Аллоҳ азза ва жалла биздан қарз ирода қилурми?
-   Ҳа, эй абу Даҳдоҳ, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ундай бўлса мен Аллоҳ азза ва жаллага қўрғонимни қарз қилдим!
Унинг қўрғони олти юз туп хурмо экилган боғ эди. Унда хотини ва оиласи бор эди. Абу Даҳдоҳ боғига келиб хотинини чақирди:
-   Ҳой Умму Даҳдоҳ!
-   Лаббай! – жавоб берди хотини. Абу Даҳдоҳ айтди:
-   Чиқ бу ёққа! Мен бу боғни Аллоҳ азза ва жаллага қарз қилдим!


Абу Талҳанинг боғи
Абу Талҳа Мадина ансорларининг энг бой кишиларидан эди. Унинг энг яхши кўрган бойлиги бирҳо исмли боғи эди. Бу боғ масжиднинг рўпарасида бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув ичгани кириб турар эдилар. Қурони каримда ушбу оят нозил бўлди:
لَن تَنَالُواْ الْبِرَّ حَتَّى تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَ
“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз”. (Оли Имрон. 92)
Абу Талҳа айтди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, Раббим “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз” дейди. Менинг энг яхши кўрган молим бирҳо исмли боғимдур. Шу боғим Аллоҳ учун садақа бўлсин. Садақам Аллоҳнинг ҳузурида эзгулик ва заҳира бўлса, деб умид қиламан. Эй, Аллоҳнинг расули, буни Аллоҳ таоло Сизга қандай раво кўрса, шундай қилинг!
-   Баракалла! Бу мол ўсгувчидир! Бу мол ўсгувчидир! Мени уни яқинларингга беришингни раво кўряпман, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Хўп бўлади, эй, Аллоҳнинг расули. Шундай қилурман, - деб у қариндошларига ва амакисининг фарзандларига тақсимлаб берди.


Берганига яраша саҳоват
Жаъфар ўғли Абдуллоҳнинг бирор ҳожат сўраб келган соилни қуруқ қайтариш одати йўқ эди. У шунчалар қўли очиқ ва саҳоватпеша эдики, ҳатто уни бошқалар маломат қилишгача боришар эди. У эса: “Аллоҳ таоло мени бир ҳиссиётга одатлантириб қўйган, мен Аллоҳнинг бандаларини бир нарсага одатлантириб қўйганман – Аллоҳ менга беришига одатланиб қолганман, бандаларини беришимга одатлантириб қўйганман”, дер эди.
Имом Лайс ибн Саъддан ҳикоя қилинишича у кунига минг динор даромад қилар эди, лекин шундай бўлса-да, унга закот вожиб бўлмас эди. Чунки у топган даромадини йил давомида ушлаб турмас, балки топган сари Аллоҳ йўлида инфоқ қилиб, садақа қилиб юбораверар эди. Абдуллоҳ ҳар куни уч юз олтмиш мискинга садақа қилмасдан аввал гапирмас ҳам эди.
Кунларнинг бирида бир аёл келиб, ундан озроқ асал беришини сўради. Абдуллоҳ ибн Жаъфар унга меши билан бериб юборди. Буни кўрганлар айтишди:
-   Бу аёлга озгина берсанг ҳам кифоя қилур эди.
-   Аёл ўзининг ҳожатга яраша сўради, биз эса Аллоҳ берган неъматга яраша эҳсон қилдик! – жавоб берди Абдуллоҳ ибн Жаъфар.



Ўн баробар фойда
Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифалик даврида одамларга қаҳатчилик етди. Машаққат ҳаддан зиёда бўлгач ҳазрат абу Бакрнинг ҳузурига келишди:
-   Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Осмондан қатра ҳам тушмаяпти, ердан гиёҳ унмаяпти, инсонлар ҳалок бўлишяпти. Энди нима қилурсиз?
-   Боринглар, сабр қилиб туринглар. Умид қилурманки, Аллоҳ таоло сизларга енгиллик бергунга қадар, талофат етказмагай, - жавоб берди халифа.
Кун охирида Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга Шомдан карвон келгани ҳақида хабар тарқаб қолди. Карвон етиб келганда одамлар уни кутиб олгани пешвоз чиқишди. Қарасалар мингта туяга буғдой, зайтун ва майиз юкланган экан. Туялар Усмон разияллоҳу анҳунинг дарвозасига тўхтади. Юкларни уйга олиб кирганларидан кейин савдогарлар келишди.
-   Нима хоҳлайсизлар? – сўради Усмон разияллоҳу анҳу.
-   Ўзинг биласан, нимани хоҳлашимизни. Сенга етиб келган ушбу моллардан бизларга сот. Биласан, одамлар шуларга зориқиб турибди, - жавоб беришди савдогарлар.
-   Марҳамат, хуш келибсизлар. Молимга қанчадан тўлайсизлар?
-   Бир дирҳамига икки дирҳамдан.
-   Бундан ортиқроғига харидор бор.
-   Тўрт баробарига сотасанми?
-   Ундан ҳам зиёда.
-   Беш баробаригами?
-   Ундан ҳам зиёда.
-   Эй Абу Амр! Мадинада биздан кўра пешроқ савдогар йўқ. Ҳеч ким биз бергандан кўра ортиқроқ бера олмайди! Сенга харидор бўлган ким ўзи?
-   Менга Аллоҳ таоло ўн баробарини беради. Сизлар ундан ҳам ортиқ бера олурмисиз?
-   Йўқ, - дейишди савдогарлар.
-   Аллоҳни гувоҳ қилиб айтурманки, менга келган ушбу молларнинг барчасини Аллоҳнинг йўлида фақир ва мискин мусулмонларга садақа қилдим! – деб Усмон разияллоҳу анҳу барча молларини инфоқ қилиб юборди.



Ажрлар зое бўлмагай
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг хонадонига ўнта олим кишилар меҳмон бўлиб келиб қолишди. Аксига олгандек меҳмонга қўйгани ҳеч нарса қолмаган, уйида биргина доимий ффодаланиб турган отидан бошқа матоси ҳам йўқ эди. Ўша биргина отни сўйиб, гўштини пишириб, меҳмонларга тортиқ қилди. Бу ҳолни кўрган хотини нолиди:
-   Бисотингизда шугина отдан бошқа нарсангиз йўқ бўлса, нима қилар эдингиз буни сўйиб?
Бу сўзлардан ранжиган Абдуллоҳ уйига кириб кетди. Уй анжомларида маҳрга яраша топиб чиқди-да, уни хотинига бериб, ўша заҳоти талоқ қўйиб:
-   Меҳмон кутишни ёқтирмайдиган аёл менга хотин бўлишга ярамайди! – деди.
Орадан бир неч кун ўтгач, бир киши келиб унга сўз қотди:
-   Эй мўминларнинг имоми! Менинг бир қизим бор. Онаси вафот этган эди, унинг фироқида кйимларини йиртиб йиғлаб, ғам андуҳга чўкиб қолди. Бугун у Сизнинг мажлисингизга келмоқчи эди. Унга бир оз тасалли берсангиз, шоядки, қалби ором топса.
Илм мажлиси бўлиб, минбарга чиққанида ўша сўралган мавзуга ҳам тўхталиб ўтди. Қиз уйига қайтгач отасига айтди:
-   Отажон, мен энди тавба қилдим. Энди Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ундай ишларни қилмайман. Лекин бир илтимосим бор.
-   Қандай илтимос?
-   Сиз менга: “Дунёнинг йигитлари қўлингни сўрашяпти. Бадавлат кимсалар ҳам сенинг ишқингда” дер эдингиз. Аллоҳни гувоҳ қилиб айтурманки, мени абдуллоҳ ибн муборак сингари кишига берсангиз турмушга чиқаман. Агарчи бизларда дунё бўлса, унда дин бордир.
Отаси қизининг таклифини қабул қилиб, Абдуллоҳа узатди. Унга сеп қилиб жуда ҳам кўп мол-дунё қўшиб берди. Бундан ташқари куёв учун ўнта от ҳам қўшиб берди.
Бир кун Абдуллоҳ ибн Муборак туш кўрди. Унга бир нидо келди:
“Сен Бизнинг розилигимиз учун кекса аёлдан кечган бўлсанг, Биз сенга бокирасини ато қилдик. Бизнинг розилигимиз учун битта отингни сўйган бўлсанг, Биз сенга ўнта от ато қилдик. Билиб қўйгинки, Бизнинг ҳузуримизда яхшилик ўн баробар қилиб қайтарилур. Бу дунёда яхшилик қилгувчиларнинг ажрлари зое бўлмагай. Улар зарар ҳам кўрмагайлар!”



Бир жуфт пойафзал
Шоир Муслим ибн Валид ҳикоя қилади:
“Уйимнинг рўпарасидаги чодиримда ўтирган эдим. Менга таниш бўлган бир киши ўтиб қолди. Ўрнимдан туриб унга салом бердим. Уни меҳмон қилиш ниятида етаклаб уйимга олиб кирдим. Ўша пайтда на бирор дирҳам, на бирор сариқ чақа йўқ эди. Бор нарсам бир жуфт оёқ пойафзалим эди. Жориямга уни бериб, танишларимнинг олдига юбордим. Уни тўққиз дирҳамга сотиб, пулига ўзим тайинлаганимдек нон билан гўшт олиб келди. Меҳмон билан овқатдан тановул қилиб ўтирган эдик, эшик таққиллаб қолди. Эшикнинг тирқишидан қарадим. Бир киши сўради:
-   Бу фалончининг уйими?
Мен эшикни очиб ташқарига чиқдим.
-   Сен Муслим ибн Валидмисан? – сўради у киши.
-   Ҳа, - дедим ва меҳмоним борлигини изҳор қилдим. У мактуб олиб изоҳ берди:
-   Бу амир Зайд ибн Мазиддан. Бунда шундай ёзилган: “Шоядки бизга ташриф буюрсангиз, деб ўн минг дирҳам юборяпмиз”.
Мен уни ҳам уйга таклиф қилдим. Мева-чева харид қилдим. Овқатни яна зиёда қилдим. Бирга ўтириб таомландик. Меҳмонга бола-чақасига ул-бул нарса сотиб олиши учун озроқ ҳадя ҳам бердим. Кейин Зайднинг дарвозаси томон йўл олдик. У ҳаммомда экан. Ҳаммомдан чиққач, менга киришга изн берди. Кирсам қўлида тароқ, соқолини тараб ўтирган экан. Салом бердим. У ҳам чиройли суратда алик олди.
-   Нега кеч қолдинг? – сўради.
-   Қасида ёзаётган эдим.
-   Нега чорлаганимни биласанми?
-   Билмайман.
-   Ўтган кеча Рашиднинг ҳузурида бўлган эдим. У мендан: “Эй Зайд, сен ҳақингдаги:
Халифадан сўрагин Бани Музор шамширин,
Жонларга ва қонларга ўт ёққан бирин-бирин.
Ҳақ йўлида букилмас, адолатдир шиори,
Халқи яшар фаровон, обод бўлур диёри!
деб битилган байтларни ким ёзган?” деб сўраб қолди. Мен: “Аллоҳга қасамки, эй мўминларнинг амири, бундан хабарим йўқ”, десам, халифа: “Шундай байтлар ёзадиган одам бўлади-ю, сен уни билмайсанми?” деди. Суриштириб кўрсам, уни сен ёзган эмишсан. Тайёргарлигингни кўр, халифанинг олдига борамиз!
Шундай қилиб, халифанинг олдига бордик. У киришимизга рухсат берди. Кириб салом бердик. Саломимизга жавоб қайтарди. Ёзган шеърларимдан ўқиб бердим. Менга икки юз дирҳам беришларини буюрди. Кейин Зайд ҳам бир юз тўқсон минг дирҳам берди ва:
-   Ҳадя қилишда мўминларнинг амирига тенглашишимиз одобдан бўлмайди, - деди”.
Аллоҳ таолонинг карамини кўрингки, бор-йўғи бир жуфт пойафзалини сотиб,  эвазига бир меҳмоннинг кўнглини олган кишига шунча марҳамат қилди. Ҳақиқатан Аллоҳ таоло фазли улуғ, яхшилик қилгуа\вчиларга марҳамати кенг бўлган улуғ Зотдир!

   Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби


Qayd etilgan