ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
АХЛОҚ
(давоми)
“СИДДИҚ”
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сайр қилганларида Абу Толибнинг қизи Умму Ҳоний разияллоҳу анҳога (исми Ҳинд эди) мазкур Исро ҳақида айтиб бердилар. Сўнг чиқиб кетмоқчи бўлиб ўринларидан тураётан эдилар, этакларидан ушлаб:
- Ё Набийюллоҳ! Худо ҳақи, ўтинаман, эй амакимнинг ўғли! Бу ҳодисани Қурайшга айта кўрманг! Сизни тасдиқлаб турганлар ҳам ёлғончига чиқарурлар! Сўзларингизни инкор қилурлар! – деди Умму Ҳоний.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан этакларини қоқиб чиқиб кетдилар. Қурайшдан бир неча киши турган жойга етиб келдилар. Уларнинг ораларида Мутъим ибн Адий ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом бор эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар барибир ёлғончига чиқаришларини сезиб, ғамга чўкиб ўтирдилар. Абу Жаҳл истеҳзо ила сўради:
- Ҳа, Муҳаммад! Бирор иш бўлдими?
- Ҳа. Бу кеча тунги сайрда бўлдим.
- Қаерга?
- Байтул Мақдисга, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Тонг отгунча яна қайтиб келдингми? – сўради Абу Жаҳл.
- Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Қараб тур, ҳозир қавмимни чақирсам уларга ҳам менга айтиб берганларингни айтиб бера оласанми?
- Ҳа – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл ҳайқира бошлади:
- Ҳой Қурайш жамоаси! Ҳой Луай ибн Каъб болалари!
Одамлар ўринларидан туриб шу томонга келиб ўтириша бошлашди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Бу кеча мен Байтул Мақдисга сайр қилдим. Ёнимга пайғамбарлар жамоаси ҳозир бўлди. Уларнинг ичида Иброҳим, Мусо ва Исолар бор эди, – дедилар.
Қурайш бу сўзларни эшитиб шовқин сурон кўтариб юборди. Исро воқеасини ўта ошириб юборди деган фикрда баъзилари қарсак чалиб юборди, айримлари эса таъажжубдан бошларини чангаллаб олди. Мутъим ибн Адий эса:
- Сенинг ишларинг бугунгача ҳам ҳар ҳолда енгилроқ эди. Аммо бугунги сўзларинг сенинг ёлғончилигингга гувоҳ бўлади. Бизлар Байтул Мақдисга бориш учун туяларимизда бир ой у томонга, бир ой бу томонга юрамиз. Сен эса шунча йўлга бир кечанинг ўзидаёқ етиб бордим деб даъво қиляпсанми?! Лот ва Уззога қасамки, мен сенинг бу сўзингга асло ишонмайман!
Мушриклар шошилиб Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб:
- Дўстинг бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганини даъво қилаётганидан хабаринг борми? – деб сўрашди.
- Шундоқ деб айтдими? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
- Ҳа, – дейишди.
- Аллоҳга қасамки, агар шундай деб айтган бўлса, ҳақиқатан ҳам тўғри айтибди! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу. Шу кундан бошлаб “Сиддиқ” лақабини олди ва у зот шаънида Аллоҳ таолонинг ушбу Каломи нозил бўлди:
وَالَّذِي جَاء بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
“Ва Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир”. (Зумар, 33)
ҲАЗРАТ АЛИНИНГ ҚУЛИ
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу инсонларнинг афзалларидан ва гўзал хулқлиларидан эдилар. Бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Иккинчи, учинчи бора яна чақирди – жавоб бермади. Туриб излаб топиб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.
- Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
- Эшитдим, – жавоб берди қул.
- Унда нега жавоб бермадинг?
- Барибир менга азоб-уқубат қилмаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:
- Ундай бўлса сени Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ РИСОЛАТДАН АВВАЛГИ ХУЛҚЛАРИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
Жоҳилият амалларидан биронтасига ҳам эҳтимом қилмаганман, илло икки бора уринганимдан бошқа. Ўшанда ҳам Аллоҳ мен билан мен ирода қилиб эҳтимом қилган нарсани токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар пардалаб қўйган.
Иттифоқо, Макканинг юқори қисмида мен билан бирга қўй боққувчи қурайшлик ғуломга бир тунда:
- Қўйларимга қараб турсанг Маккага тушиб чиқар эдим. Мен ҳам ўспиринлар каби бир ўйнаб келай-чи – дедим.
- Майли – деди у.
Ўйин кулгуни ирода қилиб чиқиб кетдим. Макканинг бошланиш маҳалласига етганимда карнай ва дўмбира овозларини эшитдим.
- Бу нима? – десам:
- Фалончининг ўғли фалончи фалончининг қизи пистончига уйланяпти – дейишди. Мен энди уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Шу ҳолатда ухлаб қолиб, қуёш нури тушгандагина уйғондим.
Шеригимнинг олдига бордим.
- Ним ақилдинг? – сўради у.
- Ҳеч нарса қилмадим, – деб бўлган ҳолатни айтиб бердим.
- Бошқа бир кеча унга яна ўша гапни илтимос қилувдим, “Хўп” деди. Чиқиб кетиб, аввалги сафар Маккага тунда кирганимдагидек овоз эшитдим. Уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Аллоҳга қасамки, ухлаб қолиб яна қуёш нури тушгандагина уйғондим. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Унга бўлган гапни айтдим.
Ўшандан сўнг Аллоҳ азза ва жалла токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар ёмон ишга эҳтимом қилмадим.
ТАБАРРУК ЕЛКАЛАР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
- Сиз бир кун мени уриб жонимни оғритган эдингиз, – деди.
- Қасосингни ол, мени ур! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Менинг елка ва орқам очиқ эди, – деди у киши.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак елкаларидан ридоларини туширдилар. Ҳалиги киши эса шу пайт табаррук елкалардани силаб ўпа бошладилар. Чунки унинг мақсади шундай улуғ табаррукликка етишиш эди.
ТИЛИНГНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ
Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен:
- Эй Аллоҳнинг расули! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, – дедим.
- Сен буюк нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Бироқ у Аллоҳ енгил қилган кимса учун осондир. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан. Намозни барпо қиласан. Закотни адо қиласан. Рамазонда рўза тутасан. Байтга ҳаж қиласан. – Сўнг сўрадилар: - Сени яхшилик эшикларига далолат қиайми? Рўза – қалқондур. Садақа – сув ўтни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг тун қўйнида ўқиган намози ҳам.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилдилар:
تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفاً وَطَمَعاً وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Сажда, 16-17)
Сўнг яна сўрадилар:
- Сенга ишларнинг боши, устуни ва энг юқори ўркачининг хабарини берайми?
- Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули! – дедим.
- Ишларнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юқори ўркачи – жиҳод. Энди улурнинг ҳаммасига эга бўлишнинг хабарини берайми?
- Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули!
Тилимни ушладилар. Сўнг:
- Буни ўзингдан тийиб ол! – дедилар.
- Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар гапирган сўзларимиздан ҳам ушланамизми?
- Онанг сени йўқотиб қўйгур! Инсонлар дўзахга юз тубан бўлиб (ёки “бурунлари ишқаланиб” дедилар) йиқилишлари ҳам тилларининг “маҳсули” эмасми? – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.
ҲАЗРАТ УМАР ВА ХАБАРЧИ
Қодисия воқеасида Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу қўмондонлигида мусулмонлар тўлиқ зафар қозонишди. Саъд Умар ибн Хаттобга Форсни қандай қўлга олганлари ҳақида хат ёзиб юборди. Умар разияллоҳу анҳу йўлда келаётган хабарчига йўлиқиб қолди ва:
- Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима гаплар бўлди, менга айтиб бер-чи? – деди. Хабарчи:
- Аллоҳ таоло мушрикларни тор-мор қилди! – деди.
Умар разияллоҳу анҳу хабарчидан савол сўрар, у эса танимаган эди. Сўнг туясига бир оз дам бериб шаҳарга кирса, одамлар Умарнинг мулозаматида экан. Хабарчи ҳижолат бўлиб кетиб:
- Аллоҳ Сизга раҳм қилсин, мўминларнинг амири эканлигингизни айтиб қўймапсиз-да! – деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу:
- Ҳижолат бўлма, биродарим! – деди.
ИККИ КИШИЛИК ГУВОҲ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Хузаймадан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Савво ибн Қайс Муҳорабий исмли аъробийдан от сотиб олдилар. Пулини олиб бериш учун аъробийни етаклаб йўлга чиқдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тезроқ қадам ташладилар, аъробий эса орқароқда қолиб кетди. Бир неча киши аъробийга рўпара келишиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сотиб олганларидан бехабар отни баҳолаша бошлашди. Ҳатто айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нархдан ҳам юқорироқ баҳо бера бошлашди. Нарх кўьарилиб кетгач аъробий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб қичқирди:
- Отимни харид қилсанг – қил, йўқса сотиб юбораман!
Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у етиб келгунча тўхтаб турдилар.
- Мен сендан сотиб олмадимми? – дедилар.
- Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен уни сенга сотмадим! – деди аъробий.
- Йўқ, мени уни сендан сотиб олдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийни қуршаб олдилар.
- Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди аъробий.
Мусулмонлар:
- Ҳой, шўринг қурғур! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдан бошқасини гапирмайди! – дейишди.
Охири Хузайма ибн Собит разияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийнинг тортишганини эшитиб қолди. У ҳамон:
- Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди.
- Мен гувоҳман сен уни сотганингга! – деди Хузайма.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқин келиб:
- Нима билан гувоҳлик берасан? – дедилар.
- Эй Аллоҳнинг расули! Мен Сизнинг самовий хабарларингизни тасдиқлаганман. Қандай қилиб айтган сўзларингизни тасдиқламас эканман? – днди Хузайма разияллоҳу анҳу. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенгладилар.
Ложарамки, мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дин ишларидан имон келтирганлар эди, дунё ишларида ростгўйликларини тасдиқлаш яна ҳам авло эди.
ЁМОН ГУМОН КЕЛИБ ҚОЛМАСИН!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Завжалари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо кечаси зиёрат қилгани келдилар. Бир оз суҳбатлашгач қайтиш учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани турдилар. Онамизнинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.
Ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб:
- Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.
- Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – дейишди.
- Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон(гумон) келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
МЎМИННИНГ ҚАНОАТИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ямандан ўн уч кишилик вакил билан бир йигит ҳам бирга келди. Ўринларидан туриб кетаётганлирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларга нисбатан одатларига кўра уларнинг ҳар бирига совға бердилар. Сўнг уларнинг ҳаммалари совға олганларига ишонч ҳосил қилиш учун:
- Сизлардан яна бирор киши қолдими? – деб сўрадилар.
- Бир йигит бор эди – орамизда ёшроғимиз, юкларимизга қараб тургани қўйиб кирдик, – дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳам совғасини олиши учун чақиртирдилар. У кириб сўз бошлади:
- Эй Аллоҳнинг расули! Менинг ҳожатим шерикларимнинг ҳожати каби эмас, агарчи улар ҳам Исломга рағбат қилган бўлсалар ҳам. Аллоҳга қасамки, Сиз Аллоҳдан мени мағфират қилишини, менга марҳамат қилишини ва бойликни қалбимга беришини сўрашингиз истабгина йўлга чиққанман.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганидек дуо қилдилар. Сўнг совғани бердилар. Ҳаммалари Яман томонга отланиб йўлга тушдилар.
Ўнинчи санада Минога улардан бир жамоат келиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳалиги йигитни сўрадилар. Улар айтдилар:
- Аллоҳга қасамки, унга ўхшашини кўрмаганмиз! Аллоҳ берган ризқига ўша йигитдек қаноат қилган одамни эшитмаганмиз. Агар унинг атрофида одамлар бутун дунёни тақсимлам турган бўлса ҳам улар сари назар ташлаб ҳам қўймайди, унга илтифот ҳам қилмайди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлиб кетдалар ва:
- Алҳамду лиллоҳ. Мен бира тўла вафот этишидан умидим бор – дедилар. Улардан бири сўради:
- Инсон бира тўла вафот этмайдими?
- Дунё водийларида (инсоннинг) ҳаво(кўнгил хоҳишлари) ва ташвишлари тарқалиб кетади. Этимол унинг ажали ўша қодийларнинг бирида етиб келар. Уларнинг қайсисида ҳалок бўлса ҳам Аллоҳ Азза ва Жалла эътибор бермайди.
ХАБАРГА ИСБОТ КЕРАК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Ҳорис ибн Зирор Хузоийнинг олдига ўзи ва қавмининг закотиги тўплашда итоат қилиш учун юборди. Валид йўлга чиқди. Лекин йўлнинг хатарларидан қўрқиб, қайтиб келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Ҳорис ибн Зирор закотни бермади. Қўполлик қилиб ҳайдаб юборди, – деди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис Исломга янги кирганлигидан яна аввалги ҳолатига қайтдимикин деган фикрга бордилар. Ҳорис эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган аҳдидан қайтмаган эди. Яъни закотларни тўплаб, Пайғамбардан вакил келиб тўпланган закотларни олиб кетшини кутиб турган эди. Бироқ ҳадеганда вакил келмаганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигимга ва закотни тўплашга берган аҳдимда шубҳа қилиб қолдимикин деган ҳаёлда шошилиб қавмидан бир неча нафарини олиб, тўпланган закотларни туяга юклаб Мадинага – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурлирига йўлга чиққан эди.
Йўлда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юборган вакилларга йўлиқиб қолди. Улар нима бўлганини аниқлаш учун келишаётганларини айтишди. Агар Валид айтган сўзлар ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса, булар билан урушгани келишаётганлирини билдиришди.
Ҳорис ҳайрон бўлди. Валид у ёқларга умуман бормаганлиги, у ҳақда ҳеч нарсадан хабари йўқлиги ва вакил шошқалоқлик қилганлигига, ўзи ҳам, унинг яқинлари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳдларида соит эканлигига қасам ичди. Кейин ҳаммалари биргалашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишса, Валид ҳам шу жойда экан. Валид яна аввалги гапларини қайтарди. Ҳорис ҳам вакилларга нимани айтган бўлса шуни қайта сўзлаб берди. Шундаат унинг ҳақида оят нозил қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот, 6)
Шу билан унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида диний мақомати собит бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ишнч ва эътиқоди тасдиқланди. Валиднинг эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган баҳонаси ёлғонлиги, Ҳорисга йўлиқмаганлиги фош бўлди.
ОЖИЗЛАРГА ЁРДАМ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бозорга кирдилар. Абу Жаҳл бир киши билан туяни арзимаган нархда савдолашиб турган эди. Атрофдаги одамларнинг биронтаси ҳам Абу Жаҳлдан ҳайиққанлигидан баландроқ нарх айтишга журъат қилиша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб нархни кўтариб сўрадилар. Абу Жаҳл ҳам нархни кўтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ҳам юқорироқ нархда сўрадилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча нархни қўшса Абу Жаҳл ҳам шунча қўшаверди. Бу ҳолат анча давом этди. Охири туянинг нархи жуда ҳам ошиб кетди. Охири Абу Жаҳл нархни кўтара олмй қолди. Туяни сотиб ололмай, шарманда бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяни жуда ҳам юқори баҳода сотиб олиб, эгасига ҳақини бердилар.
МУҲАММАД САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ МЕРОСЛАРИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Мадина бозорининг ёнидан ўтаётиб тўхтади ва:
- Ҳой бозор аҳли! Нега қараб турибсизлар?
- Нима гап, эй Абу Ҳурайра? – дейишди одамлар.
- Масжидда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари тақсим қилиняпти. Сизлар эса бу ердасизлар! Бориб ўз тегишиларингизни олмайсизми?
Одамлар шошилиб чиқиб кетишди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу токи улар яна қайтиб келгунларига қадар жойларидан жилмай турдилар. Сўнг:
- Нима бўлди? – деб сўради.
- Эй Абу Ҳурайра, масжидга бордик. Кириб қарасак тақсимланадиган ҳеч нарсани кўрмадик-ку? – дейишди бозорчилар.
- Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми? – сўради Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
- Кўрдик. Одамлар баъзилари намоз ўкимоқда, баъзилари Қурон қироат қиляпти, яна бошқалари ҳалол ва ҳаромни зикр қилишмоқда, – дейишди.
- Ҳолингизга вой бўлсин! Ўша-да – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари! – деди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
ҲАЗРАТ УМАР ВА ПАТРИАРХ
Мусулмон лашкари Байтул Мақдисни қамал қилиб олишганларида танг ҳолатда қолган Байтул Мақдис аҳолиси Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ўзи волийлик қилишини шарт қилиб сулҳ тузишни талаб қилдилар. Патриарх Сафрония шаҳар калъасининг тепасига чиқиб, қамал қилгувчиларга қараб:
- Биз сизларга таслим бўлишни хоҳлаймиз. Фақат бир шартимиз бор – сизларнинг раҳбарларингиз ўзи келсин, – деди.
Лашкарбошини рўпара қилишган эди:
- Йўқ! Биз сизларнинг энг катта раҳбарларингиз – мўъминларнинг амири келишини истаймиз! - деди.
Шунда лашкарбоши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат ёзди:
“Одамлар шаҳарни топширмоқчи бўлишяпти. Аммо улар бу иш шахсан сизнинг қўлингиз билан бўлишини шарт қўйишмоқда”.
Умар бир дона улов ва бир қул билан Байтил Мақдис томон йўлга чиқди. Шаҳар ташқарисига келиб қолганда қулга:
- Биз – икки кишимиз. Улов эса битта. Мен миниб олиб сен пиёда юрсанг сенга зулм қилган бўламан. Сен миниб олиб мен пиёда юрсам сен менга зулм қилган бўласан. Иккаламиз ҳам миниб олсак туянинг белини синдириб қўйишимиз мумкин. Энди йўлни учга бўламиз, - деди.
Умар разияллоҳу анҳу бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, қул ҳам бир манзилгача миниб борса, бир манзилгача етаклаб борадиган, яна бир манзил туяга ҳеч ким минмасдан борадиган бўлдилар.
Шундай қилиб шаҳардан чиқиб ўзи, қул ва туя ўрталарида йўлни учга тақсим қилдилар. Қуддус яқинидаги тоққа етиб манзилга яқин қолганида Умар разияллоҳу анҳунниг туяга миниш навбати тугаб қолди. Туянинг тепасида туриб такбир айтди. Сўнг қулга:
- Энди сенинг навбатинг келди. Туяга мин! – дедилар. Қул:
- Эй мўъминларнинг амири. Шаҳарга келиб қолдик. Зинҳор туядан тушманг, мен ҳам асло минмагайман! Биз шундай шаҳарга яқин келиб қолдикки, бу шаҳарда маданият ва тараққиёт ривожланган. Бу ерда яхши эгарланган зотдор отлар ва олтин аробалар бор. Агар биз шу ҳолатда – мен туяга миниб мўминларнинг амири унинг тизгинидан етаклаб кириб борсак ерлик аҳолининг фикри ўзгариб, устимиздан кулишлари мумкин. Бу эса бизнинг нусратимизга салбий таъсир қилиши мумкин, - деди.
- Йўқ! – деди Умар разияллоҳу анҳу, – Навбат сеники. Агар менинг навбатим бўлганида эди, мен тушмаган, сен минмаган бўлур эдинг. Аммо навбат сенга келди. Аллоҳга қасамки, албатта тушаман ва сен миниб оласан!
Қул туяга минди, Умар разияллоҳу анҳу пастга тушиб туянинг тизгинидан етаклаб олди. Шаҳар қалъасига етиб келганларида Димашқ номли дарвозанинг ташқарисида Патриарх Сафрония бошчилигида насоролар уларни кутиб олгани пешвоз чиқишди. Мўминларнинг амири тушовни етаклаб, унинг ғуломи туяга миниб келаётганини кўрганларидан Умар разияллоҳу анҳуни улғлуб сажда қилгани бош қўйишган эди, ғулом туяда ўтирган кўйи қўлидаги асони силкитиб қичқирди:
- Тўхтанг! Бошларингизни кўтаринг! Аллоҳдан бошқага сажда қилиш асло мумкин эмас!
Бошларини кўтаришган замон Патриарх Сафрония дод солиб йиғлаб юборди. Умар разияллоҳу анҳу унинг фикри тиниқлигига таъсирланганидан шодланиб яқин борди. Патриарх Сафрония:
- Менинг йиғлашимнинг сабаби – аниқ билдимки, Сизнинг давлатингиз боқий бўлғуси! Тарқоқ ҳам бўлмас, бўлиниб ҳам кетмас!
ИСЛОМИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Умар разияллоҳу анҳу Қуддусга киргач шаҳар аҳлига омонлик хатини ёзиб берди. Сўнг ҳозирги кунгача Ҳазрат Умар масжиди деб номланадиган масжид ўрнида намоз ўқиди. Бу кун тарих зарварақларига Умар разияллоҳу анҳу учун, Ислом учун абадий қайд қилиб қўйилди.
Ўша куни патиарх Сафрония Умар разияллоҳу анҳуга канисани кўриб чиқишни таклиф қилган ва мўминларнинг амири бунга рози бўлган эди. Иттифоқо, улар канисадалик чоғларида намоз вақти бўлиб қолди. Ҳазрат Умар патриархга илтифот қилиб:
- Намозни қаерда ўқиб олсам бўлади? – деди.
- Мана шу турган жойингизда ўқийверинг, – деди Сафрония.
- Агар Умар канисада намоз ўқиса, ундан кейин мусулмонлар келиб “Шу жойда Умар намоз ўқиган” деб ўша жойда масжид барпо қиладилар – деди Умар разияллоҳу анҳу ва атрофини тозалаб, абоси(чопони)ни ёзиб, намозини ўқиди.
У зотдан сўнг мусулмонлар ўша жойга келишиб, намоз ўқиган жойида масжид барпо қилишди. Ва у бугунги кунга қадар “Қиёмат канисаси” (Европада аталиши бўйича“Чўқинтириш черкови”) билан ёнма-ён туради.
АҲДГА ВАФО ИМОНДАНДУР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир кампир кириб келди.
- Сен кимсан? – сўрадилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ҳиссона ал-Музайянаман, – жавоб берди кампир.
- Сен Ҳиссонамисан? Қандоқсизлар? Аҳволларингиз қандай? Биздан кейин қандай бўлдиларингиз? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ота-онам Сизга фидо бўлсин, Эй Аллоҳнинг расули! Яхши, – жавоб берди кампир.
Кампир чиқиб кетганидан сўнг Оиша разияллоҳу анҳо:
- Бу кампирга нега бунча илтифот кўрсатдингиз? Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
- У Хадича (ҳаёт бўлган) вақтларида бизга келиб турар эди. Аҳд гўзаллиги имондандур.
ЙЎЛ БЎЛСИН, АБУ УМАЙЯНИНГ ҚИЗИ?
Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилганида туясини сафарга ҳозирлаб, ўғилчасини бағрига олиб йўлга тушди. У Мадина томон чиқар экан, ёнида ҳеч ким йўқ эди. Йўл асносида Талҳа ибн Абу Талҳанинг Усмон исмли ўғлига йўлиқиб қолди.
- Эй Абу умайянинг қизи, қаёққа? – сўради Усмон.
- Мадинага, турмуш йўлдошимни истаб кетяпман, – жавоб берди Умму Салама.
- Биронта ҳамроҳинг борми?
- Йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва мана бу ўғлимгина ҳамроҳ.
- Аллоҳга қасамки, сени ёлғиз ташлаб қўймагайман! – деб Усмон туянинг жиловини тутиб Умму Салама билан йўлга тушди.
Умму Салама разияллоҳу анҳо айтадилар: “Аллоҳга қасамки, араблар ичида ундан-да мукаррамроқ кишини учратмадим. Бир манзилга етсак, мен тушиб олишим учун туяни чўккалатар эди. Кейин мен туядан тушиб олгунимча узоқроққа бориб турар, мен тушиб олганимдан сўнг туяни дарахтга боғлар эди. Сўнг мени ҳоли қолдириб, ўзидарахт соясига бориб ёнбошлар эди.
Йўлга тушадиган бўлсак туяни менга ҳозирлаб бериб, яна орқароққа кетар ва “Туяга миниб ол” дер, туяга миниб яхшилаб ўрнашиб олганимдан сўнг келиб туянинг тизгинидан ушлаб етаклаб кетар эди. Шу ҳолатда Мадинага – турмуш йўлдошимнинг олдига етиб бордик”.
Яна айтар эдилар: “Аллоҳга қасамки, Исломда Абу Саламнниг хонадоничалик мусибат кўрган хонадонни билмадим. Усмон ибн Абу Талҳачалик мукаррам ҳамроҳни кўрадим. Ҳолбуки, у ўша ҳамроҳлик пайтида ҳали кофир эди”.
Усмон ибн Абу Талҳа кейинчалик – Ҳудайбия сулҳида мусулмон бўлган эди.
МОХОВ, КАЛ ВА КЎР ҚИССАСИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Бани Исроилдан уч кишини – мохов, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, уларга фариштани жўнатди. У моховнинг олдига келиб:
- Сенга нима нарса ёқади? – деди.
- Чиройли ранг, чиройли тери ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли ранг, чиройли тери ато қилинди. Сўнг сўради:
- Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
- Туя, – деди.
Унга ўн ойлик бўғоз туя бериб:
- Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин калнинг олдига келиб:
- Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
- Чиройли сочлар ва одамлар мендан жирканадиган нарса кетиши, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса нарса кетди, чиройли соч ато қилинди. Сўнг сўради:
- Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
- Қорамол, – деди.
Унга бўғоз сигир берди ва:
- Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди.
Кейин кўрнинг олдига борди ва:
- Сенга нима нарса ёқади? – деб сўради.
- Аллоҳ менга кўриш қобилиятимни бериши, – деди.
Фаришта уни силади, Аллоҳ унга кўриш қобилиятини берди. Сўнг сўради:
- Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
- Қўй, – деди.
Унга бўғоз қўй берди ва дуо қилди.
Туя, қорамол ва қўйлар кўпайиб кетди. Биринчисининг бир водий туяси бўлди. Иккинчисининг бир водий қорамоли бўлди. Учинчисининг бир водий қўйи бўлди.
Кейин фаришта моховнинг олдига унинг шифо топиши ва бойиб кетишидан аввалги кўриниши ва суратида келди. Унга:
- Мен мискин кишиман. Сафаримда боримдан ажрадим. Бугунги кунда Аллоҳ ва Ундан сўнг сендан бошқа борар жойим қолмади. Сенга чиройли ранг ва чиройли ҳусн берган Зот ҳақи сўрайман – бир дона туя бер, сафаримни якунлаб олай, – деди.
Мохов унинг сўраган нарсасини беришдан бош тортди. Мискин суратдаги фаришта:
- Аллоҳга қасамки, мен сени таниётганга ўхшаяпман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва фақир бўлган эмасмисан? Аллоҳ сенга (бу неъматларни) ато қилмадими? – деб сўради.
- Йўқ. Мен бу молни мерос қилиб олганман, – жавоб қайтарди мохов.
- Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта.
Сўнг фаришта калнинг олдига унинг суратида бориб унга ҳам шунга ўхшаш гап айтди. У ҳам аввалгига ўхшаб қайтарди.
- Агар ёлғон гапираётган бўлсанг Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта унга ҳам.
Ундан сўнг кўрнинг олдига унинг сурати ва кўринишида борди ва ундан хайр-эҳсон сўради. Шунда кўр бўлган киши:
- Эй, бу киши! Мен ҳам кўр бўлган эдим, Аллоҳ кўриш қобилиятимни қайтарди. Камбағал бўлган эдим, Аллоҳ мени бой қилди. Хоҳлаганингча олиб, холаганингча қолдир! Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олган нарсангга ҳеч ҳам чарчамайман! – деди.
Шунда фаришта:
- Молингни ўзингга олиб қол. Мен уларни ҳам синаган эдим, Аллоҳ сендан рози бўлди. Иккала бирдарларингга эса ғазаб қилди.
КАРАМЛИЛАРНИНГ КАРАМЛИРОҒИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб:
- Эй Аллоҳнинг расули! Халқнинг ҳисобига ким эгалик қилади? – деб сўради.
- Аллоҳ азза ва жалла, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Бир Ўзими? – сўради аъробий.
- Ҳа, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аъробий табассум қилди.
- Нега куляпсан, эй аъробий? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Шубҳасизки, саҳоватли Зот қодир бўлар экан, кечириб юборади-да! – жавоб берди аъробий.
- Тўғри айтдинг. – Аллоҳ азза ва жалладан ҳам кўра олийжаноброқ саҳоватли зот йўқ. У карамлиларнинг ҳам карамлироғидур! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобга юзланиб: - Аъробий фақиҳ бўлибди – дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Аббос ибн Абдулмутталибларнинг имон келтиришларига жуда ҳам ҳарис эканликларидан улар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Жанобнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз киши баланд овоз билан:
- Эй Муҳаммад! Аллоҳ Сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг! – дея хитоб қилиб келиб қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларини кариҳ кўриб юзларини буриб, қовоқларини солиб олдилар ва наригиларга юзландилар. Сўнг суҳбатларини тамомлаб, энди аҳлига қайтмоқчи бўлиб турган эдилар Аллоҳ таоло жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларини тўсдилар ва бошлари хам бўлиб қолди. Шу ҳолатда ушбу оятлар нозил бўлди:
عَبَسَ وَتَوَلَّى * أَن جَاءهُ الْأَعْمَى * وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى * أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى *
“Афтини буриштирди ва юз ўгирди. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”.
Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қачон ибн Умму Мактумни кўрсалар ридоларини ёзиб: “Хуш келибсиз, Раббим мени итоб қилишга сабабчи бўлган зот!” деб кутиб олардилар.
ТИЛИНГНИ, ҚАЛБИНГНИ ВА КЎЗИНГНИ САҚЛА!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг расули! Бир ой рўза тутаман, бошқа зиёда қилмайман. Беш маҳал намоз ўқийман, ундан зиёда қилмайман. Молимдан Аллоҳ таоло йўлида садақа ва эҳсоним ҳам йўқ. Мен вафот қилсам қаерда бўламан?
- Жаннатда, – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Сиз биланми, Эй Аллоҳнинг расули? – сўради у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қидилар ва:
- Ҳа. Мен билан бўласан. Агар қалбингни икки нарсадан – кин ва ҳасаддан сақласанг, тилингни икки нарсадан – ғийбат ва ёлғондан сақласанг, кўзингни икки нарсадан – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ва мусулмонни пойлашдан сақласанг ўша икки хотиржамлик ила мен билан жаннатга кирасан, – дедилар.
ЭРИГА ЯХШИ ХОТИН БЎЛИШИЛИК
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби билан ўтирган эдилар Асмо бинту Язид исмли ансория аёл келиб қолди ва сўз бошлади:
- Эй Аллоҳнинг расули! Ота онам Сизга фидо бўлсин. Мен аёлларнинг Сизга вакилиман. Шубҳасизки, Аллоҳ азза ва жалла Сизни бира тўла эркакларга ҳам хотинларга ҳам жўнатган. Сизга ва Аллоҳга имон келтирдик. Бизлар чегараланган ва чекланган, уйларингизда ўиргувчи, шаҳватларингизни қондиргувчи ва фарзандларингизни кўтаргувчи аёллар жамоасимиз. Сизлар эса эркаклар жамоасисиз. Бизлардан жам ва жамоатда, касалларни зиёрат қилишда, жанозаларга қатнашишда, ҳаждан сўнг яна ҳаж қилишда афзал бўлдингиз. Қачон эркаклар ҳаж ёка умрага чиқсалар молларингизни муҳофаза қиламиз, кийимларингизни тикиб берамиз, фарзандларингизни тарбиялаймиз. Шундоқ экан, биз ҳам сизларга ўша савобларда шерик бўлмаймизми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобига юзларини буриб ўгирилиб қарадилар ва сўрадилар:
- Динининг ишларида шу бўйича чиройли савол берган аёлни эшитдиларингизми?
- Эй Аллоҳнинг расули! Хотин киши бунча нарсага эришади деб ўйламадик, – жавоб бердилар асҳоб.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлга юзландилар ва жавоб бердилар:
- Эй аёл, фаҳлаб ва билиб ол! (Сен ва) ортингдаги аёллар! Хотин кишининг эрига чиройли рафиқа бўлиши, унинг розилигини исташлиги, мувофиқотларига эргашишлиги ўшаларнинг ҳаммасига тенг бўлади.
Аёл шод бўлиб чиқиб кетди.
СЕН УНИ ТАНИМАС ЭКАНСАН
Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир киши келиб бир кишини мақтади.
- Сен унинг кириш-чиқишини яхши биладиган яқин қўшнисимисан? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Йўқ, – деди у киши.
- Сен унинг гўзал ахлоқига далолат қилувчи сафарида ҳамроҳи бўлганмисан?
- Йўқ, – деди у киши.
- Кишининг тақвосини кўрсатгувчи динор ва дирҳамларининг муомаласидамисан?
- Йўқ, – деди у киши.
- Ўйлашимча сен унинг масжидда овозини баланд қилиб, бошини гоҳ тушириб, гоҳ кўтариб Қурон ўқиб турганини кўрган бўлсанг керак? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Ҳа, – деди у.
- Бор, сен танимас экансан уни, – деди ҳазрат Умар. Сўнг нариги кишига юзланди: - Бор, сени танийдиган кишини топиб кел.
Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Рабиъа Асламий ўрталарида гап ўтиб қолиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ёмонроқ сўз айтиб юборди. Кейин надомат қилиб:
- Эй Рабиъа, айтган сўзимни ўзимга қайтариб айт, токи қасос бўлсин! – деди.
- Ундай қилмайман! – деди Рабиъа.
- Ё айтасан, ё эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳимоя сўрайман! – деди саййидимиз.
- Барибир айтмайман! – қайтарди яна.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. Ортидан Рабиъа ҳам йўлга тушди. Бир неча мусулмонлар келиб айтишди:
- Аллоҳ Абу Бакрга раҳм қилсин! У сенга нима деса деб бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тарафини олармиди?!
- Биласизларми, бу ким? Бу – Абу Бакр Сиддиқ! У ғордаги икки кишининг бири. У киши мусулмонларнинг муҳтарами. Сизлар менга илтифот қилманглар. У менинг тарафимни олаётганларингизни кўриб қолиб ғазаби чиқса ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борса, ул зот ҳам унинг ғазаби учун ғазабланса, уларнинг ғазаблари учун Аллоҳ азза ва жалла ҳам ғазаб қилса Рабиъа ҳалок бўлади! – жавоб берди Рабиъа.
- Унда нимага буюрасан?
- Қайтинглар.
Абу Бакр йўлга тушди. Ортидан Рабиъа ўзи ёлғиз борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бўлган гапни айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларини кўтариб:
- Эй Рабиъа, сенга нима бўлди? (Бу) Сиддиқ бўлса? – дедилар.
- Эй Аллоҳнинг расули! Шундоқ-шундоқ бўлди. Менга ўзим ёқтирмаган сўзни айтиб, “Мен сенга қандай айтган бўлсам, сен ҳам айт, токи қасос бўлсин” деди. Мен унамадим – деди у.
- Тўғри қилибсан. Унга қайтарма! Лекин “Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин” деб айт, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Эй Абу Бакр, Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, – деди у.
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу йиғлаганча ортига қайтиб кетди.
ҲАРОМ МОЛ ЕГАННИНГ ЖАЗОСИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Абу Нофеъ ривоят қилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиганларидан сўнг Авс ансорларидан бану Ашҳалга бориб улар билн суҳбатлашар ва яна шомгача қайтиб келишга шошилар эдилар. Иттифоқо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб масжидга яқинлашиб қолганларида, Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъга етганларида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.”
Абу Нофеъ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу сўзларни эшитишга тоқат қила олмади.
“Мен секинроқ юриб орқароқда қолдим, - дейди Абу Рофиъ, - Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – деб қолдилар.
- Бирор нарса рўй бердими Эй Аллоҳнинг расули? – десам:
- Нега ундай (деяпсан)? – деб сўрадилар.
- Менга “туф!” дедингиз-ку?
- Йўқ. Лекин бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзи учун жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг мислича олов сипқормоқда, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
САЪЛАБА ИБН ҲОТИБ
Саълаба ибн Ҳотиб ал-Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида доимо масжидда бўлганлигидан “масжиднинг каптари” деб ном олган эди. У дунё тиркчилигидан танг аҳволда қолди. Ризқи торлиги уни мағлуб қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ризқини кенг қилиб беришлигини сўраб беришликни илтимос қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб қилдилар:
- Шўринг қурғур, эй Саълаба! Сен шукр қиладиган оз нарса тоқатинг етмайдиган кўпдан яхшироқдур.
У эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди ва агар Аллоҳ унга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо қилишликни бўйнига олишга аҳд қилганини изҳор қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло дуони ижобат қилди. Саълабанинг мол-дунёси кўпайди. Масидга бир маҳал келса, бир маҳал келмайдиган бўлиб қолди. Мол-дунёси кўпайиб, шаҳар унга торлик қилиб қолди. Намозни тарк этди. Унинг бойлиги Раббисини эслашни ҳам унутдириб қўйди.
Қурони каримда закот фарзлиги ҳақида оят нозил бўлди:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“Уларнинг молларидан садақани ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир”. (Тавба. 103)
Саълабанинг мол-дунёсига йил тўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг молидан Аллоҳнинг ҳақини талаб қилиб вакил юбордилар. Элчи Саълабанинг ёнига келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг топшириғини етказганда Саълабага дунё тор кўриниб кетди.
- Бу жизя-ку! – деб аҳдини унутди. Ваъдасига хилоф қилди.
Қуронда Саълаба Маҳшаргача мунофиқлар қаторида бўлишлиги ҳақида оят нозил бўлди:
وَمِنْهُم مَّنْ عَاهَدَ اللّهَ لَئِنْ آتَانَا مِن فَضْلِهِ لَنَصَّدَّقَنَّ وَلَنَكُونَنَّ مِنَ الصَّالِحِينَ * فَلَمَّا آتَاهُم مِّن فَضْلِهِ بَخِلُواْ بِهِ وَتَوَلَّواْ وَّهُم مُّعْرِضُونَ * فَأَعْقَبَهُمْ نِفَاقاً فِي قُلُوبِهِمْ إِلَى يَوْمِ يَلْقَوْنَهُ بِمَا أَخْلَفُواْ اللّهَ مَا وَعَدُوهُ وَبِمَا كَانُواْ يَكْذِبُونَ
“Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор. У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар. Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди” (Тавба. 75 – 77)
ИСЛОМИЙ АДОЛАТ ВА ОЛИЙЖАНОБЛИК
Сайфуллоҳ – Холид ибн Валид қўмондонлик даврида Химс фатҳ қилинди. У жойга адолат ва инсоф ила ҳукм қилувчи волийлар тайинланди. Химслик насронийлардан адолат билан жизялар олинди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Химсда қолган волийга Рум лашкари жамланиб, нсронийларни мусулмонларнинг қўлидан озод қилиш учун Химс томон юриш бошлаганларининг хабари келиб қолди. Ҳарбий қўмондон кенгаш ўтказди. Душман лашкари мусулмонларга нисбатан жуда ҳам катта миқдорда ортиқлигини ҳисобга олиб, хатарда қолмаслик учун кўпчиликнинг фикри ва таклифи билан чекиниб туришликка қарор қилинди.
Қўмондон насронийларнинг катталарини чақиртирди ва уларга шундай деди:
- Биз кечагина жонларингизни муҳофаза қилиш, молларингизни асраш ва осойишталигингизни сақлаш учун сизлардан жизя олган эдик. Энди эса кутилмаганда душман лашкари биз томон бостириб келмоқда. Улар билан жанг қилишга бизнинг имконимиз йўқлигидан чекинишга азм қилдик. Шунинг учун сизларнинг тўлаган жизяларингизни қайтариб бермоқчимиз.
Химс насронийлари жавоб беришди:
- Эй қўмондон! Биз ўтган қисқа вақт мобайнида сизларнинг олийжаноблигингиз ва адолатингизни кўрдик. Румнинг эса, илгари кўп жабру жафолари ва зулмларини кўрганмиз. Сизларнинг адолат ва олийжаноблигингиз бизлар учун Румнинг жабри ва зулмидан кўра яхшироқдур. Эй қўмондон! Сени сабр қилиш ва улар билан жанг қилишга чақирамиз. Биз сизлар билан елкма-елка бўлиб бор қувватимиз билан душманга қарши жанг қиламиз! Тирик қолсак мусулмонларнинг адолати соясида қоламиз. Ўлсак Раббимизга қайтажакмиз!
Шундай қилиб исломий адолат ва олийжаноблик шарофати ўлароқ Химс насронийлари мусулмонлар билан бирга Румларга қарши жангга киришди.
ЗАРАРКУНАНДА
Ансорийлардан бирининг ҳовлисида бошқа одамнинг хурмоси бор эди. Хурмо унга жуда кўп халақит берар ва ундан ўз ҳовлисида анча зарар кўрар эди. Хурмонинг эгасидан уни сотишликни сўради, кўнмади. Кўчириб олишликни ёки ўрнига бошқа хурмони алмаштиришликни сўради, кўнмади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб ҳолатни айтиб берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмонинг эгасидан хурмони сотишни талаб қилдилар, кўнмади. Кўчиришни талаб қилдилар, кўнмади.
- Ундай бўлса бунга совға қил, сенга шундай-шундай нарсалар бўлади, – дедилар. (Чамаси, жаннатдаги маконлардан бўлса керак. Валлоҳу аълам) Унга ҳам кўнмади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: - Сен зараркунанда экансан! – дедилар-да, ансорийга ўша хурмони кесиб юборишни буюрдилар.
ТОРТИШУВНИ БАС ҚИЛИНГ!
Улуғ саҳобийлардан бири айтади:
“Бизлар дин ишлари ҳақида тортишиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар. Бизларни кўриб шундай қаттиқ ғазабландиларки, ҳеч ҳам бунчалик ғазабланмаган эдилар. Сўнг бизларни тўхтатдилар-да, насиҳат қилдилар:
- Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммати! Сизлар шу нарсага буюрилганмисизлар?! Сизлардан аввалгилар ҳудди шунга ўхшаш нарса билан ҳалок бўлган эди. Тортишувни бас қилинглар, унда билим кам ҳосил бўлади. Тортишувни бас қилинглар, чунки киши (тортишганда бирибир) тан олмайди. Тортишувни бас қилинглар, чунки тортишгувчи бутунлай мағлуб бўлғусидур. Тортишувни бас қилинглар, тортишув, давомийлигидан гуноҳликка кифоя қилади. Тортишувни бас қилинглар, чунки мен тортишгувчини қиёмат кунида шафоат қилмайман. Тортишувни бас қилинглар, чунки менга Раббим бутларга ибодат қилишдан кейин энг аввалги қайтарган нарсаси тортишувдур! Инсонларнинг ичида Аллоҳ энг ёмон кўргани ашаддий тортишгувчидур!”
МЕҲНАТДА БАРАКА БОР
Али ибн Абу Толиб саҳар тонгда бола-чақасига егулик топиш учун иш истаб чиқди. Лой қориш учун қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келди. Ишни маъқул кўриб, бир пақир сувга бир донадан хурмога келишиб, ишга рози бўлди.
Натижада йигирма дона хурмога яраша ишлади. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.
- Бу – хурмо. Лайф арқонда қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, эвазига топган хизмат ҳақим, – деди ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини силаб уқалаб қўйдилар. Сўнг юзини сийпалаб туриб:
- Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – дедилар ва яна: - Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.
МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИ
Мурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус эди. Қўриқчи унга айтди:
- Мен сени қўйиб юбормоқчиман. Агар ҳар хафтада бир маротаба уйингга бориб келишингга рухсат берсам, қамоқхонага қайтиб келасанми?
- Ҳа, – деди у.
Шундай қилиб ҳар хафта бир марта уйига бориб келар эди.
Хаворижлардан баъзилари ўлимга маҳкум бўлишди. Миршаб ибн Зиёд билан маслаҳатлашди. Ибн Зиёд қамоқдаги хаворижларнинг ҳаммасини ўлдиришга буюрди. Бу пайтда Мурдос қамоқдан ташқарида эди. Уй аҳли:
- Жонингни эҳтиёт қил. Агар қамоқхонага борсанг сени ўлдиришади, – дейишди.
- Мен Аллоҳга хиёнатчи ҳолатимдан рўбарў келишни хоҳламайман! Зиёднинг ўғли золим киши, қўриқчини ўлдириб қўяди, – деб қамоқхонага қайтиб борди. Қўриқчига айтди:
- Сенга бирор озор етмасин деб қайтиб келдим. Ҳўжайининг бизнинг шерикларимизни нима қилишга азм қилган бўлса, мени ўша жойга олиб туш!
- Хоҳлаган жойингга кетавер! Аллоҳ сенга нажот берди, – жавоб берди қўриқчи.
Сен ўзинг оиланг билан е!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аъробий келди ва:
- Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалок бўлдим ва ҳалок қилдим! – деди.
- Сени нима ҳалок қилди? Сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Рамазонда, рўза ҳолимда аёлимга воқеъ бўлиб қолдим.
- Қул озод қил, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Имконим етмайди.
- Икки ой пайдар-пай рўза тут.
- У нарсага тоқатим етмайди.
- Олтмиш мискинга таом бер.
- Менда таом бериш учун молим йўқ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир замбарда ўттиз соъ хурмо олиб келдилар ва:
- Мана буни садақа қил, – дедилар.
- Аллоҳга қасамки, Эй Аллоҳнинг расули! Бу нарсага икки Лоба (Мадинаи мунавварани атрофидаги тошлоқ жойлар) орасида мендан кўра муҳтожроқ киши топилмайди, – деди аъробий.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишларигача кўринди. Сўнг анга айтди:
- Сен ўзинг оиланг билан е!
ҲОТАМТОЙНИНГ ХУЛҚИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам давриларида Тай қабиласининг ғазоти тамомига етди. Асирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келинди. Уларнинг орасидан бир аёл ўрнидан туриб сўз бошлади:
- Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хўп десангиз арабларга мени кулгу қилмай ўз йўлимга жўнатиб юборсангиз. Шундай қиларсиз деб умид қиламан. – Сўнг илтимоси қабул бўлиши учун ўз шаънини эслатиб қўйди: - Менинг отам очларни тўйдирар, мазлумларни озод қилар, муҳтожларга ёрдам берар, ҳожатмандларнинг талабини асло қайтармас эди. Мен Ҳотам Тай (Той)нинг қизиман.
- Эй қизгина! Дарҳақиқат, отангнинг ахлоқи исломий ахлоқ эди. Отанг мусулмон бўлганда эди, биз унга раҳмат сўраган бўлур эдик, – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобига юзландилар: - арқонни бўшатинглар. Қўйиб юборинглар. Унинг отаси ахлоқларнинг мукаррамини яхши кўрар эди.
ТЎҒРИ СЎЗ СОВЧИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззини Билол ҳабаший (разияллоҳу анҳу) укасига Қурайш аёлларидан бирининг қўлини сўраб борди. Уларга шундай деди:
- Бизларни яхши танийсизлар. Қул эдик, Аллоҳ таоло бизларни озод қилди. Залолатда эдик, Аллоҳ таоло бизларни ҳидоят қилди. Камбағал эдик, Аллоҳ таоло бизларни бой қилди. Мен сизлардан қизларингизни укамга сўраб келдим. Берсаларингиз – Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Бермасаларингиз – Аллоҳу акбар!
Улар ўзаро маслаҳатлашишди. “Билолнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигини, ҳамроҳликарини ва мақомини ҳам яхши биласизлар” деб қизларини беришга рози бўлдилар.
Улар қайтар экан укаси сўради:
- Аллоҳ Сизни мағфират қилсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигимиз ва бирга доимий ҳамроҳлигимизни айтиб, бошқасини айтмай қўяверсангиз бўлмасмиди?
- Мен ҳақ сўзни айтдим ва сенга ҳақ никоҳни раво кўрдим! – жавоб берди Билол разияллоҳу анҳу.
ТЎҒРИ СЎЗЛИК
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий хутбани чўзиб юборди. Шунда намозни ўз вақтида адо қилишга ҳарис бўлган бир киши ўрнидан туриб:
- Ҳой намознинг амири! Вақт сенга қараб турмайди. Тангри узр қилмайди! – деди.
Ҳажжож уни ҳибс қилишликка буюрди. Унинг қавми Ҳажжожнинг олдига келишди. Уни мажнун дея қўйиб юборишини сўрашди.
- Ҳақиқатан ҳам мажнунлигига иқрор бўлса, қўйиб юбораман, – деди Ҳажжож. Ундан сўрашган эди:
- Аллоҳ сақласин! Аллоҳ таоло менга бундай бало берган деб ўйламайман. Мени мажнунликдан сақлаган, – деб жавоб берди.
Ҳажжожга шундай деб айтишган эди, ундаги тўғри сўзлик фазилатини ҳурматидан қўйиб юборди.
АДОЛАТЛИ ҲАКАМ
Оиша разияллоҳу анҳо айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан менинг ўртамизда гап ўтиб қолди.
- Ўртамизга кимнинг ҳакам бўлишига рози бўласан? Абу Убайда ибн Жарроҳга рози бўласанми? – дедилар.
- Йўқ. У кўнгли бўш одам. Сизнинг фойдангизга ҳукм қилиб қўяди, – дедим.
- Отангга рози бўласанми?
- Ҳа, – дедим.
Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Сен айтиб бер, – дедилар.
- Ўзингиз айтинг, – дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу (Оиша) – шундай-шундай” дедилар.
- Тўғри гапиринг! – дедим. Абу Бакр қўлини кўтариб менга тарсаки туширди.
- Ҳой Умму Руммоннинг қизи! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга “Тўғри гапиринг” дейсанми?! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламки, тўғри гапирмаса, унда яна ким тўғри гапирур?!
Оғзимдан қон оқиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртамизга тушдилар ва Абу Бакрга:
- Биз сендан буни истамаган эдик! – дедилар. Кейин кийимимга оққан қонларни ювар экан: – Қара, сени у кишидан қандай сақлаб қолдим, – дедилар.
КЕЧИРИМЛИЛИК – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ
Имом Ҳусайн разияллоҳу анҳу билан ота бир укаси Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўртасида бир оз қўполлик содир бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя акасига хат ёзди:
“Ассалому алайкум. Сенинг отанг ҳам, менинг отам ҳам Али ибн Абу Толиб. Демак бу томондан мен Сиздан афзал бўла олмайман, Сиз ҳам мендан афзал бўла олмайсиз. Аммо менинг онам Бани Ҳанифадан бўлган бир аёл, Сизнинг онангиз эса – Фотимайи Заҳро! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, менинг ер юзи тўла онам бўлса ҳам Сизнинг онангизга тенг бўла олмайди. Менинг хитобим Сизга етиб бориши биланоқ мени рози қилиш учун етиб келинг. Чунки Сиз фазл соҳиби, бинобарин шундай олийжанобликка лойиқ ва муносибсиз”.
Имом Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг хатини ўқиб, қаттиқ таъсирланди. Унга нисбатан бўлган фикри яхшиликка ўзгарди. Бориб укасини рози қилди. Ўзига муносиб бўлган олийжанобликни адо қилди.
ЎЗИНГГА РАВО КЎРМАГАННИ БОШҚАЛАРГА РАВО КЎРМА
Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Ёш йигит келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Эй Аллоҳнинг расули! Менга зино қилишликка рухсат беринг, – деди. Одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
- Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келиб рўпарасига ўтирди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?
- Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
- (Бошқалар ҳам) оналарига ўша ишни раво кўрмаслар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди.
- Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. синглингга шу ишни раво кўрасанми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаси, холасини сўради. Йигит ҳар сафар “Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин!” дер эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмасилар” дер эдилар.
Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб: “Эй Аллоҳ! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!” деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.
УМАР ИБН АБДУЛАЗИЗНИНГ ОДОБИ
Халифа Умар ибн Абдулазиз одатига кўра раъиятнинг ҳолини билиш учун ёнида миршаб билан айланиб чиқди. Масжидга кирди. Қоронғуда ухлаб ётган одамнинг олдидан ўтаётиб унга қоқилиб кетди. Киши бошни кўтариб:
- Нима, жиннимисан? – деди.
- Йўқ, – жавоб берди халифа.
Миршаб уни калтакламоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлаган эди, халифа уни тўхтатди:
- Ундай қилма. У бор-йўғи мени “жиннимисан?” деб сўради, мен “йўқ” деб жавоб бердим, холос.
Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкди ва ҳажв қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлборди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв қилдилар.
Лекин у яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш ва ҳажв қилишда давом этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрдилар. У яна йиғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан афв қилишини сўраб ёлборди. Аммо бу сафар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
- Аллоҳга қасамки, Макканинг кўчаларида “Мен Муҳаммаднинг устидан икки марта кулдим!” деб юришингга йўл қўймайман! Ўлдиринглар уни! Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!
2014 йил 20-апрел, с 6:59. Асака.
Алҳамду лиллоҳ
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби