ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
ПАЙҒАМБАРЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИДАН
ҚАБАСОТ
(Таълим)
نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
“Нур устига нур. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Нур. 35)
Довуд Тоийнинг вафоти
Довуд Тоий бир манзилга бориб, ўзидан кетиб йиқилди. Уни кўрганлар кўтариб ўз уйига элтиб қўйишди. Ўзига келганидан кейин ҳушидан кетганининг сабабини сўрашди. У жавоб берди:
- Мен ўша жойда бир кишини ғийбат қилган эдим. Шу жойга келганда ногаҳон ўша ишим ёдимга келиб қолди. у киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида мен билан даъволашиб қолишини эсладим. Ўзимни оқлашга ҳеч қандай чорам йўқлигини ўйлаб, қўрқиб кетдим.
Афсус! Афсус!! Қани, энди ўша ахлоқлар? Қани ўша тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган даражадаги тақволар? Шу эмасми, Аллоҳдан қўрқиш? Шу эмасми, Уни улуғлаш: шу эмасми, Унга таъзим?
Довуд Тоий Раббиси йўлиқққунга қадар доимий хавфда бўлган. Ҳатто ваофт этишининг ўзига ҳам ўша хавф сабаб бўлиб қолган. Ҳофиз Абу Наъим санади билан ривоят қилишича, Довуд Тоий бемор бўлиб қолди. унинг касаллигининг сабаби шу эдики, кечаси тиловат қилиб ўтириб, дўзах ҳақида баён қилинган оятга етганда, ўша оятни қайта-қайта ўқиди. Шу кечанинг ўзида оят тафаккуридан касал бўлиб қолди. Эрталаб қарасалар, жон таслим қилиб бўлган экан.
Усоманинг лашкарбоши бўлиши
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатлу вадоъдан қайтганларидан кейин Усома ибн Зайд қўмондонлигида катта қўшин тайёрлашга буюрдилар. Қўшин таркибида Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Саъд ибн Абуваққос каби аввалги муҳожирлардан бўлган улуғ саҳобалар ҳам бор эди.
Усома Фаластин еридаги Мўътага яқин бўлган, отаси шаҳид бўлган Балқо ва Дорумларнинг чегараларига бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг душманлари билан тўқнашиб, улар устидан зафар қозониб ғанимат ўлжаларни олиб қайтиши керак эди.
Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолганликларидан иш бир оз ортга сурилди. Бу вақт ичида бир неча саҳобалар Усоманинг анча ёшлиги ва ҳарбий маҳорати етишмаслиги сабабидан қўмондон бўлишига эътироз билдириша бошлашди. Уларнинг орасида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бу гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам етиб борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлари боғланган ҳолда чиқдилар. Минбарга кўтарилдилар.
- Менга етиб келишича одамлар Усоманинг иш бошилиги бўйича гапиришятпи экан. Умрим ҳурмати айтурманки, унинг ишбошилиги ҳақида гапиришатган бўлсалар, ундан аввал отасининг ишбошилиги ҳақида ҳам гапиришган эди. Унинг отаси ҳам шунга муносиб бўлган эди. Энди эса бу ҳам муносиб, дедилар.
Усома лашкар билан чиқди. Мадинанинг шимол тарафидан уч мил наридаги Журф деган жойга бориб тушишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари учун ўша жойда интизор бўлиб тўхтаб қолишди. Касаллик ортиб борар эди. Одамлар касаллик зўрайиб кетгани ҳақида гапларни тарқатишар эди. Усома ва бошқа ҳамроҳлари қайтиб Мадинага келишди. Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужраларига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб борди.
Бу пайтда сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари тутилиб, сўздан қолган эдилар. Усома кириб келганини кўриб дуо аломати ила қўлларини само сари кўтардилар. Кейин Усомага қўйдилар. Бу кун касаллик ҳар ҳолда енгиллаган эди. Мусулмонлар жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Усома яқин бориб, Шомга лашкар тортишга изн олди. Сўнг ўша Журф деган манзилда аскарларга етишиб, йўлга тушишга амр қилди.
Орадан ҳеч қанча кун ўтмай Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул аълога риҳлат қилдилар. Мусулмонлар саросимага тушиб қолишди. Тиллари бу машъум хабарни айтишга лол бўлиб қолди. ҳатто умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб, ишонмади. Ким бу сўзни айтса ёлғончига чиқарди. Фақатгина Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриб, вафот этганларига аниқ ишонч ҳосил қилганидан кейин одамлар олдига чиқиб:
- Кимки Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибодат қилган бўлса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этди! Кимки Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ Тирикдир, У ўлмагайдир! – дея Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилди:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ
“Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар”. (Оли Имрон. 144)
Буни эшитган ҳазрат Умарни оёқларида мадор қолмай йиқилиб тушди. У аввал бу оятни эшитмаган экан. Шундан сўнг Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан ҳам вафот этганларига иқрор бўлди.
Усома эса хабарни эшитибоқ, ортига қайтди. Қўшинни ҳам Мадинага қайтарди. Бу ёғига мўминларнинг ишлари нима бўлишига интизор бўлган ҳолда байроқни Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужрасининг эшигига ўрнатиб қўйди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг халифа бўлишига байъат қилди. Халифанинг энг аввал қилган иши Усоманинг ишини амалга ошириш бўлди. Умар разияллоҳу анҳуга:
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламиннг халифасининг олдига бориб, одамлар орасига қайтишимга рухсат сўраб беринг. Акс ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси мушрикларнинг ҳамласидан хотиржам бўла олмай қолиши мумкин, - деди.
Ансорлар ҳам Умар разияллоҳу анҳуни ўртага қўйишди:
- Халифага айтинг, бизга Усомадан кўра бақувватроқ ва ёши каттароғини тайинласин.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни етказгач, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усоманинг таклифидан қаттиқ ғазабга келди.
- Агар мени итлар ва бўрилар талаб кетсалар ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмни асло ўзгартирмагайман! – деди. Ансорларнинг сўзини айтганидан кейин: - Онанг сени йўқотиб, сендан жудо бўлиб қолгур Умар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни бошлаб қўйган бўлса-ю, мен уни ташлаб қўйишимни буюряпасанми?!
Умар разияллоҳу анҳу лашкар олдига борди. Улар Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бўлган мулоқотнинг натижаси нима бўлганини сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу уларга:
- Ҳой, оналарингиз сизларни йўқотиб, топилмай қолгурлар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасига сизларнинг масалангизда учрамадим! – деб қўя қолди.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усомани лашкарбоши қилиш ҳақидаги васиятини ана шундай қилиб адо қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга хилоф иш қилишни хоҳламади. Эътирз билдирганлар ҳам бу ишга қарши чиқишмади.
Мусулмонлар Усома кўтарган байроқ остида жам бўлишиб йўлларига равон бўлишди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уларга ибрат қилиб, Усомани отга миндириб ўзи пиёда лашкарни кузатгани чиқди. Бундан ноқулай аҳволга тушган Усома:
- Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси! Ё Сиз ҳам отга миниб олинг, ёки мен ҳам пастга тушай! – деди. Халифа эса:
- Аллоҳга қасамки, сен тушмайсан, мен минмайман! Оёқларим бирор соат Аллоҳ йўлида чанг бўлса нима бўпти?! Ҳолбуки, ғозийнинг ҳар бир босган қадами учун етти юз ҳасанот ёзилур, даражаси етти юз баравар кўтарилур ва етти юз гуноҳи ўчирилур!
Шундай қилиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усомани шунчалар ҳурматини бажо қилди. Умар разияллоҳу анҳуни эса маслаҳат ишлари учун Мадинада ўзи билан бирга олиб қолди. Усома разияллоҳу анҳу ҳазратабу Бакрнинг ишончини оқлаб, йигирма кунга қолмай Балқога етиб борди. Тез фурсатда катта зафар қозониб келиб, мусулмонларнинг руҳиятини кўтарилди.
Йўл тадбири
Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Рум билан тўқнашиш учун Шом томон юзланди. Йўлда тўхтаб қолиш хатарли эди. Қандай қилиб йўлни қиқароқ қили, тонгла етиб бориш истагида йўл суриштирган эди, икки йўл топилди. Бири узоқ йўл, лекин бехавотир. Иккинчиси эса яқин йўл, бироқ ўта хатарли. Холид ибн Валид иккинчисини танлади. Бу фикрга Рофеъ ибн Умайр Тоий эътироз билдириб саркарданинг олдига келиб:
- Эй Холид, Сиз отлиқ аскар ва юклар билан ўта олмайсиз. Аллоҳга қасамки, ҳар қандай отлиқ ҳам бу йўлдан ўтишдан қўрқади, чунки бу йўлда беш кеча сувсиз юришга тўғри келади, - деб маслаҳат берди.
- Бундан бошқа чора йўқ, - деди Холид ибн Валид, - Буйруқни етказ!
- Ундай бўлса сув захирасини кўпайтириш керак. Кимки имкон қилса, туясининг қулоғигача сувга тўлдирсин. Чунки йўл ҳалокатли, илло Аллоҳ сақласагина омон қолиш мумкин.
Холид ибн Валид лашкар билан кимсасиз саҳрода беш кун йўл юрдилар. Ҳар куни бир манзилга тушганларида тежамкорлик билан еб-ичишди. Кейин бир нечта туянинг қоринларини ёриб сувларни чиқаришди. Шундай тадбирлар билан соғ-омон кўзланган манзилга етиб олишди.
Абу Жаҳл ва бадавий
Абу Жаҳл ибн Ҳишом саҳро ўлкаларидан келган бадавийнинг туясини савдолашиб, арзимас пулга баҳолаб туриб олди. Шунчалик узоқ савдолашдики, бадавий тоқати тоқ бўлиб Абу Жаҳл айтган пулга сотишга мажбур бўлди. Кейин тўпланиб ўтирган Қурайш кишиларига бориб, унинг устидан шикоят қилди ва ҳаққини олиб беришларини сўради. Улар эса бадавийни беписандлик билан калака қилиш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ишора қилишди. Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда намоз ўқиётган эдилар.
- Мана шу одам сенинг ҳақингни олиб бера олади, - дейишди.
Бадавий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг танимас эди. Ёнларига бориб арзини айтди. Сўнг биргалашиб Абу Жаҳлнинг уйига бориб, эшик қоқдилар. Абу Жаҳл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирганини билиб ранглари ўчган ҳолда чиқиб, қалтираб қолди.
- Бу кишининг ҳақини бер! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл дарҳол унинг пулини зиёдаси билан берди.
Мушриклар Абу Жаҳлнинг қўрқоқлик қилганларилан даҳшатга тушишди. Бу иши учун унга таъна қилишган эди, Абу Жаҳли жавоб берди:
- Ҳой шўринг қурғурлар, Аллоҳга қасамки, у менинг уйимни чақирганида овозини эшитиб, қўрқинчдан даҳшатга тушиб қолдим. Шундай чиқиб қарасам, унинг боши томонида баҳайбат туя турган экан. Бунақа катта бошли, бунақа катта тишли туяни мутлақо кўрмаганман! Агар бош тортсам, у мени еб қўяр эди!
Умар ибн Хаттобнинг мусулмон бўлиши
Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини излаб йўлга чиқди. Улар Сафо атрофидаги уйда тўпланиб ўтиришгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, амакилари Ҳамза, абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум билан биргаликда эркак ва аёл жами қирқ киши чамасида эканини эшитган эди.
Бу пайтда Қурайшлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилган кишига мукофот ажратган эди. Умар ибн Хаттоб ҳам ана шу иш қасдида чиқди. Йўлда унга Наъим ибн Абдуллоҳ рўпара келиб қолди.
- Эй Умар, қаёққа кетяпсан? – сўради у.
- Динидан юз ўгириб, Қурайш халқига тафриқа солиб, етук инсонларни аҳмоққа чиқариб, динини айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилган Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!
- Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, сен ўзингни ғорат қилибсан, эй Умар! Бану Абдуманофни кўряпсанми? Сен Муҳаммадни ўлдирсанг улар сени ер юзида қолдириб қўядими?! Аҳли байтингга борсанг-чи, уларнинг ишларини кўрар эдинг!
- Қайси аҳли байтим?
- Куёвинг, амакингнинг ўғли Саъид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Хаттоб қизи Фотима. Аллоҳга қасамки, улар мусулмон бўлишган! Муҳаммаднинг динига эргашган. Ўшаларнинг олдига бор!
Умар синглиси ва куёвининг олдиларига борди. У жойда Хубоб ибн Арт Тоҳо сўраси ёзилган саҳифани ўқиётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Хубоб парда ортига беркиниб олди. Фотима саҳифани олиб, сонининг остига яшириб қўйди. Умар уйга яқин келганида улар нимадир ўқиётганларини эшитишга улгурган эди.
- Мен эшитган нарсам нима эди?! Сўради Умар.
- Ҳеч нарса эшитганингиз йўқ! – жавоб беришди эр-хотин.
- Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммаднинг динига эргашганингизнинг хабарини эшитиб қолдим! Шу гап тўғрими?! – сўради куёвидан.
Фотима эрини ҳимоя қилиб ўртага тушди. Уни бир урган эди, зарба теккан жой ёрилиб кетди. Шундан сўнг улар иқрор бўлишди:
- Ҳа, мусулмон бўлдик! Аллоҳга ва Уиннг расулига имон келтирдик! Мана энди хоҳлаганингни қилавер!!
Ниҳоят синглисининг жароҳатида қон оқаётганини кўргач, ўафқати қўзиди, қилган ишига надомат қилди.
- Ҳозирроқда ўқиган нарсангларни менга бир кўрсатинглар-чи? Нима экан у- Муҳаммад олиб келган нарса, бир кўрай-чи?
Умар хат ёзишни билар эди.
- Йўқ, уни Сизга беришдан қўрқамиз, - дейишди.
- Қўрқманглар, - деб албатта қайтариб беришликка илоҳалари номидан қасам ичди.
Шунда Фотима шоядки, Исломга рағбат қилиб қолса, деб умид қилди ва:
- Эй акажон, Сиз мушриклигингиз сабабидан нажассиз. Буни эса таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, - деди.
Умар ўрнидан туриб ғусл қилди. Шундан сўнг Фотима Тоҳо сураси битилган саҳифани берди. Умар уни ўқиб:
- Қандоқ ҳам гўзал ва мукаррам бу Калом! Қурайш шундан қочиб юриптими? Қурайшнинг ҳолига вой! – деб юборди. Унинг бу сўзларини эшитган Хубоб беркинган жойидан чиқди.
- Эй Умар! – деди у, - Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси билан сени хослаган бўлишлигини хоҳлар эдим. Чунки кеча мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ! Икки Умарнинг бири билан – Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан Исломга нучрат бер!” деганларини эшитдим. Аллоҳга қасамки, эй Умар, сен ўзиб кета қол!
- Эй Хубоб, мени Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига етаклаб бор, Исломни қабул қилмоқчиман, - деди Умар ибн Хаттоб.
- Улар Сафо яқинидаги Арқамнинг ҳовлисидалар.
Умар ибн Хаттоб қиличини ўйнатганча уларнинг олдиларига бориб эшик қоқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири туриб, эшикнинг тирқишидан мўралаб:
- Эй, Аллоҳнинг расули, бу Умар экан! Қиличини ўйнатиб турибди, - деди.
Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб сўз қотди:
- Изн беринг, эй, Аллоҳнинг расули! Агар у яхшилик билан келган бўлса, боримизни нисор қилурмиз. Ёмонлик масадида келган бўлса, ўзининг қиличи билан чопиб ташлармиз!
- Изн бер, унга! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга рухсат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кутиб олдилар. Ридосининг этагидан ушлаб олқиш сўзларини айтдилар:
- Эй Хаттобнинг ўғли! Қандай қилиб келдинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени фалокатга гирифтор қилмасдан бурун бас қилганингни кўрмоқдаман!
- Эй, Аллоҳнинг расули! – деди Умар ибн Хаттоб, - Мен Аллоҳга, Унинг расулига ва расули Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нима олиб келган бўлса шуларга имон келтириш учун келдим.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтиб юбордилар. Уй аҳллари ҳам Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганига гувоҳ бўлдилар.
- Эй, Аллоҳнинг расули! Исломни ошкор қилгани юборилдингизми ёки сир тутганими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
- Ошкор қилгани, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ундай бўлса махфийлик нечун?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоблари ва эндигина мусулмон бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳум, Каъбага бордилар. Умар разияллоҳу анҳу баланд овозда:
- Эй Қурайш жамоаси! Кимки онаси боласидан жудо бўлиб, боласи етим, хотини бева қолишини истаса мана шу водий ортидан менга рўпара келсин! Чунки мен гувоҳлик берурман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир! – деб овоза қилди.
Бўҳтон воқеаси
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқишни ирода қилсалар аёллари ўртасида қуръа ташлар эдилар. Қуръа қайси бирига тўғри келса, ўшаниси билан чиқар эдилар. Одатдагидек Бани Мусталиқ ғазотига ҳам қуръа ташладилар. Қуръа Оиша разияллоҳу анҳога тўғри келди. Бирга сафарга йўл олдилар. Оиша разияллоҳу анҳо чодрага ўтирдилар. Одамлар чодрани кўтариб туяга жойладилар. Боғичларини боғлаб йўлга тушдилар.
Сафардан қайтиб, Мадинага яқин қолганида бир манзилда тўхтаб, кечанинг баъзи қисмини ўша жойда тунашга тўғри келди. Сўнг йўлга тушишга рухсат берилди. Одамлар йўлда давом этдилар. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо баъзи ҳожатлари учун чиққан эди. Бўйинларида маржон бўлиб, унда бир бўлак зуфор ҳам бор эди. Зуфор - Санъо яқинидаги Зуфар ҳунармандлари томонидан тешиб ясаладиган марзон бўлаги. Ҳожатдан қайтиш чоғида ўша маржон бўйнидан тушиб қолганини сезмай қолди. Чодрага боргандан кейин бўйнини пайпаслаб кўрса, маржон йўқ. Бу пайтда одамлар йўлга тушишни бошлашаётган эди. Оиша разияллоҳу анҳо келган ерига қайтиб бориб, излаб-излаб, охири маржонни топди. Одамлар туя тўхтаган жойга келишиб, Оиша разияллоҳу анҳо енгил бўлганидан, ичида одам бор, деган хаёлда чодрани кўтариб, туяга жойлаб, йўлга равона бўлишди. Ҳазрат Оиша жойига қайтиб келганида, ҳеч ким йўқ эди.
Бўлган воқеа ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ўзлари айтадилар:
“Рўмолимни ўраб, йўқлигимни билишса, мени олиб кетгани алабатта қайтиб келишади, деган ишонч билан, бир оз ёнбошладим. Аллоҳга қасамки, мен ёнбошлаб турган пайтимда Сафвон ибн Муаттал Суламий ўтиб қолди. У баъзи ҳожатлари борлиги учун одамлар билан бирга тунамай. Одамлардан орқада қолган эди. Узоқдан менинг шарпамни кўриб қолиб, яқин келибди. Рўпарамда тўхтабди. Ҳижоб вожиб бўлишидан аввал кўрган эди. Мени кўриб:
- Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (яъни “албатта бизлар Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтажакмиз”)! Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тахтиравондаги айли-ку! – деди.
Мен либосимга ўраниб олган эдим.
- Аллоҳ раҳм қилсин, нима сабабдан қолиб кетдинг? – сўради у. Мен ҳеч сўз демадим. Туяни яқин олиб келиб, - Бунга мин! Ортимдан юрасан, - деди.
Мен туяга миндим. У туянинг арқонидан тортиб, одамларга етиб олиш учун шошиб йўлга тушди. Аллоҳга қасамки, тонг отиб, одамлар манзилга тушгунларигача уларга ета олмадик. Улар эндигина хотиржам етиб келганларида мени туяда етаклаб келган кишини кўриб, нима дейишса дейишди. Аскарлар оасида анча шов-шув бўлди. Лекин Аллоҳга қасамки, мен бу нарсаларни билганим йўқ эди.
Мадинага етиб келдик. Ҳеч қанча ўтмай анчагина оғир бетоб бўлиб қолдим. Менга ҳеч қандай хабарни етказишмади. Гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва отмагача етиб борган эди. Бироқ улар ҳам бу ҳақда ҳеч нарса демас эдилар. Фақатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келадиган баъзи илтифотлар тўхтаб қолган эди. Қачон хасталансам, менга меҳрибонлик қилиб, илтифотлар кўрсатар эдилар. Бу сафарги касал бўлишимда ўша марҳаматларни кўрмадим. Қачон олдимга кирсалар, онам менга қараб ўтирган бўлса:
- Бунингизнинг ҳоли қандоқ? – деб қўяр, ундан бошқа сўз айтмас эдилар, холос.
Мен ул зотнинг менга қилган бу жафоларини кўрганимдан кейин:
- Эй, Аллоҳнинг расули! Менга изн берсангиз, онамнинг уйига борсам. Ўша жойда онам касалимга қараса, - дедим.
- Хоҳишинг! - дедилар.
Онамнинг уйига бордим. Қарийб йигирма кунча касал бўлдим. Соғайиб кетгунимга қадар бўлган гаплардан ҳеч ҳам хабар топмадим. Бизлар ажамларда бўлгани каби ҳовлимизда ҳожатхона қилишга ўрганмаган араб халқи эдик. Биз уйда ҳожатхона бўлишини ёқтирмас, балки ёмон кўрар эдик. Ҳожат учун шаҳар теварагига чиқар эдик. Аёллар ҳар куни кечқурун ҳожатлари учун борар эдилар. Одатдагидек, мен ҳам кечаси Умму Мистаҳ ‒ Абу Руҳм билан бирга ҳожатим учун чиқдим. Унинг онаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг холаси Сахрнинг қизи эди. У мен билан кетаётиб, кийимининг этагига ўралашиб, қоқилиб кетди ва: “Ҳа, бадбахт Мистаҳ!” ‒ деб юборди. Мистаҳ – лақаб бўлиб, асл исми Авф эди.
- Аллоҳ ҳаққи, Бадрда қатнашган муҳожир инсон шаънига қандай ҳам ёмон сўз айтасан-а! – дедим унга.
- Эй Абу Бакрнинг қизи! Сенга гап-сўзлар етиб келмадими? – сўради.
- Қандай гап-сўз?
Шундан сўнггина бўҳтон аҳлининг гапларидан хабардор бўлдим.
- Шундай бўлдими? – сўрадим.
- Ҳа. Аллоҳга қасамки, шундай бўлди!
Аллоҳга қасамки, ҳожатимни бажаришга ҳам мадорим қолмасдан қайтиб келдим. Аллоҳга қасамки, тўхтовсиз шунча кўп йиғладимки, ҳатто бу йиғилар жигаримни эзиб юборади деб ўйладим. Онамга айтдим:
- Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, нима дейишса дейишаверсин, менга бу ҳақда ҳеч нарсани эслатманг...
- Тинчлан, қизалоғим! Аллоҳга қасамки, покдомон бўла туриб севимли кишисининг ҳузурида бошига кўплаб маломатлар ёғилган аёллар озми?
Кунлар ўтди. Одамлар бўҳтонни сўзлашаверди. Ниҳоят Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар қаршисида туриб хутба қилдилар. Алоҳга ҳамду санолар айтиб:
- Эй одамлар! Кишиларга не бўлдики, менга аҳлимдан озор берурлар. Улар ҳақида ноҳақ сўзларни айтурлар! Аллоҳга қасамки, мен улардан яхшиликдан бошқасини билмасман. Шундай сўзларни яна бир киши ҳақида ҳам айтурлар-ки, у ҳақда ҳам яхшиликдан бошқа нарсани билмасман! Ҳобуки, у менинг уйларимдан бирортасига ҳам менсиз кирган эмас.
Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб, маслаҳатлашди. Шунда Усома мен ҳақимда яхши мақтовлар айтди. Али эса:
- ‒ Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинлар кўп-ку! Сиз ўрнига бошқасини олишга қодирсиз. Анави жориядан ҳам сўраб кўрсангиз нима гаплигини тасдиқлаб бериши мумкин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Барирани чақириб ундан сўради. Али эса уни жуда ҳам қаттиқ уриб:
‒ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тасдиқлайсанми?! – деди.
‒ Аллоҳга қасамки, мен у ҳақда яхшиликдан бошқасини билмасман! Мен Оишани ҳеч нарсада айблай олмайман. Магар мен хамир қилиб, унга қараб туришни тайёрлаган бўлсам, у ухлаб қолиб, қўйлар келиб хамирдан еб кетар эди.
Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнимга кирдилар. Менинг олдимда отам, онам ва бир ансория аёл бор эди. Мен йиғласам, у ҳам мен билан бирга қўшилиб йиғлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду санолар айтиб сўз бошладилар:
- Эй Оиша! Батаҳқиқ, одамлар орасида сенгача етиб келган шу гап-сўзлар бўлди. Аллоҳга тақво қил! Мабодо одамлар айтаётганларидек ножўя иш қилиб қўйган бўлсанг, Аллоҳга тавба қил! Зеро Аллоҳ бандаларнинг тавбаларини қабул қилур.
Аллоҳга қасамки, бу сўзларни айтиб бўлганларидан сўнг кўз ёшларим бирдан тўхтаб қолди. Ҳатто бирор қатрасини ҳам сезмай қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб берсалар, деб ота-онамга қарадим. Бироқ улар бир оғиз ҳам сўз айтмадилар. Аллоҳга қасамки, Қуронда мен ҳақимда масжидларда ва намозларда қироат қилинадиган оят нозил бўлишига ўзимни муносиб кўрган эмасман. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқусида Аллоҳ мени оқлагувчи тушни кўришидан умидвор эдим.
Отам ва онам бирор оғиз сўз айтмаганларини кўриб уларга:
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб бермайсизларми? – дедим.
- Аллоҳга қасамки, биз нима деб жавоб беришни ҳам билмаймиз, - дейишди улар.
Яна кўз ёши тўкиб йиғладим ва:
- Лекин мен Юсуфнинг отаси – Яъқуб алайҳис салом айтган сўзни айтурман: “فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ " “Энди, чиройли сабр қилмоқлик! Ва Аллоҳ ‒ сизлар сифат қилаётган ишлардан ёрдам сўралгувчи(зот)дур”, - дедим.
- Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган жойларидан турмасдан туриб, ваҳий келганда тутадиган шундай бир безовталик тутиб қолди. Аллоҳга қасамки, бу ҳолатдан асло чўчимадим ҳам, ташвишланмадим ҳам. Билдимк, мен оқландим. Ота-онам эса, Оишанинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатларидан шу қадар қимир этмай қолишдики, ҳатто мен уларнинг жонлари чиқиб кетдими, деб ўйладим. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга табассум қилиб:
- Хушхабар, ҳой Оиша! Ана энди Аллоҳ азза ва жалла сенинг айбсизлигингни эълон қилди! – дедилар.
- Биҳамдиллаҳ! – дедим.
Кейин одамларнинг олдига чиқиб, уларга хитоб қилдилар ва ушбу оятларни тиловат қилиб бердилар:
إِنَّ الَّذِينَ جَاؤُوا بِالْإِفْكِ عُصْبَةٌ مِّنكُمْ لَا تَحْسَبُوهُ شَرّاً لَّكُم بَلْ هُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُم مَّا اكْتَسَبَ مِنَ الْإِثْمِ وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ
“Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир”. (Нур. 11)
Мусулмонга ўхшаш дарахт
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик.
- Менга мусулмон кишига ўхшаш бўлган, япроқларини ёзда ҳам, қишда ҳам тўкмайдиган, ҳар вақтда Раббисининг изни билан емишларини берадиган дарахтнинг хабарини беринглар, - дедилар.
Кўнглимда бу хурмо бўлса керак деган фикр келди, лекин Абу Бакр ва Умарни кўрдим, улар сўзламаяптилар. Шунинг учун мен ҳам айтишни хоҳламадим. Ҳеч нарса дейишмаганларидан кейин:
- Бу – хурмо, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Турганимиздан кейин Умарга:
- Эй отажон! Аллоҳга қасамки, менинг кўнглимга у – хурмо деган фикр келган эди, - дедим.
- Нима учун айтмадинг? – сўради.
- Сизлар айтмаганларингизни кўрганим учун бирор нарса дейишни ёқтирмадим.
- Агар айтсанг эди, менга ёқар эди, - деди Умар разияллоҳу анҳу”.
Аллоҳ кифоя қилди
Арбад ибн Робиъа билан Омир ибн Туфайл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига киришди. Бири иккинчисига айтди:
- Мен гап билан чалғитиб тураман, сен ўлдирасан.
Омир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб узоқ гаплашиб турди. Кейин чиқиб Арбаддан сўради:
- Нега ҳеч нарса қилмадинг?
- Унинг олдида бир нарса кўрдим, оёғи ерда, боши осмонда! Агар яқинлашсам, мени ҳалок қилар эди.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِّن بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللّهِ إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ وَإِذَا أَرَادَ اللّهُ بِقَوْمٍ سُوءاً فَلاَ مَرَدَّ لَهُ وَمَا لَهُم مِّن دُونِهِ مِن وَالٍ
“Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Раъд. 11)
Арбадни чақмоқ урди. Омир эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Бизларга – кўчманчилик, сизларга – ўтроқлик, - деди.
- Сизларга – жилов! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Омир кетганидан кейин:
- Эй Аллоҳ! Унга Ўзинг кифоя қил! – дедилар. Омирга бир ғудда (без) чиқди. Шу билан вафот этди.
Хиргойи
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдиларига одамлар келишди.
- Эй мўминларнинг амири! – дейишди улар, - Бизнинг бир имомиз бор. Қачон намозидан фориғ бўлса қўшиқ айтади.
- Ким у? – сўради Умар разияллоҳу анҳу. Улар унинг исмини айтишди. – Қани туринглар, бирга унинг олдига борамиз!
- Агар биз борсак, бизни пойлоқчилик қилибди деб ўйламасин, - узр сўрашди улар. Шунда умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бир жамоат билан бирга ўша одамнинг излаб боришса, масжидда экан. Умар ибн Хаттобни кўриб, ўрнидан туриб истиқболига чиқди.
- Эй мўминларнинг амири! Бизга нима хизмат бор? Нима сабаблар билан келдингиз.? Агар бизнинг бирор ҳожатимиз бўлса, Сиз келганингиздан кўра биз ўзимиз боришимиз муносиб бўлади. Агар Сизнинг бизга ҳожатингиз бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасининг ҳурматидан таъзимда бўлишимиз лойиқроқ бўлур,. – деди.
- Шўринг қурғур! Менга сен ҳақингда ёмон гаплар етиб келди!
- У нимадир, эй мўминларнинг амири!
- Ибодатингда ҳам беодоблик қилурмисан?!
- Йўқ, эй мўминларнинг амири! Лекин ўзига насиҳат қилурман.
- Қани, айт-чи. Агар гўзал сўзлар бўлса, сен билан бирга айтурман. Хунук сўзлар бўлса, сени ҳам vан қилиб қўюрман!
- Ҳар қачон кўнгилни койисам
Ҳижрон узунлигин, чарчашим/толишим/ ғайратим/ сиқилишим/ мушкуллиги/ жонсараклигим/ .... тилайди/ истайди/ ўйлаб кўради/ қасд қилади/ бузуқлик қилади/ эзади/ хафа қилади/
Дунёни кўрдимки, бошдан охиригача кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас экан.
Мени азоблади/ қийнади/ ташвишга солди/ безовта қилди/ халақит берди
эй ёмонликларнинг ҳамроҳи, бу қандай сабо/ мойиллик, муҳаббатдан бошқаси эмаским,
умр ҳам шу каби ўйиндир.
Вовайлоким, мени ҳаргиз кўрмадим ўзимни
На бир яхшиликда, на бир одобда.
Эй нафсим, бўлмагин, ҳаво ҳам бўлмаган
Кузатувчи мавлом, /ҳамроҳим/ ёрдамчим/ иттифоқчим, пинҳоним/ қўрқитгувчим ва даҳшатга солгувчим.
Ҳар қачон кўнгилни итоб қилсам
Ҳижрон йўли бунча узун деб
Машққатим эзар юракни.
Кўрдимки мени азобларга гирифтор қилган бу дунё
бошдан охири кўнгилхушликдан бошқаси эмас.
Эй гуноҳларга гирифтор бўлган кўнгул,
Бу дунё бир сабо кабидур, умр ҳам шундоқдир, ўйин кабидир.
Вовайлоким, ўзимни ҳаргиз кўрмадим на яхшилик, на бир одобда!
Эй нафсим, иштиёқларим менинг йўлбошим, ҳамроҳим ва охират азобларидан қўрқитгувчим бўлмагани каби сен ҳам овора бўлма!
Умар разияллоҳу анҳу унниг бу хонишини эшитиб, ўзи ҳам у билан бирга жўр бўлиб хиргойига қўшилди. Сўнг даврадагиларга қараб:
- Ким хиргойи қилса, шундай қилсин! – деди.
Валид ибн Муғира
Валид ибн Муғира Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Қурондан қироат қилиб берган эдилар, кнгли юмшагандек бўлди. Бу хабар абу Жаҳлга етиб борди. У Валиднинг олдиларига келиб:
- Эй амаки! Сен қайтиб Муҳаммаднинг олдига бормаслигинг ва унинг сўзларига қулоқ солмаслигинг учун Қавминг сенга бир қанча мол-дунё тўплаб бермоқчи бўляпти, - деди.
- Қурайш яхши билади-ку, уларнинг ичида энг мол-дунёси кўпроқ инсон эканлигимни, - деди Валид.
- Ундай бўлса Муҳаммад ҳақида бир сўз айтгинки, қавминг ҳақиқатан уни ёмон кўрар экан, дейишсин.
- Нима ҳам дер эдим? Аллоҳга қасамки, ораларингизда шеърни менчалик биладигани йўқ! Мушоирада ҳам, қасидада ҳам, жинларнинг шеърлари ҳақида ҳам мендан кўра билимдонроғингиз йўқ! Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг айтган сўзлари булардан биронтасига ҳам ўхшамайди. Аллоҳга қасамки, унинг айтган сўзлари қандай ҳам ҳаловатли! Бу сўзлар қандай ҳам латофатли! Унинг шохлари сермева, илдизлари серҳосил! У тобора ўсиб боражак, ундан ҳеч нимарса ўта олмас! У ўзидан тубандагиларни чилпарчин қилур!
- У ҳақида бирор гап айтмагунингча қавминг сендан рози бўлмагай!
- Ундай бўлса ўз ҳолимга қўй, бир ози фикрлаб кўрай, - деди Валид.
Шундан сўнг Қурони каримдаги ушбу оятлар нозил бўлди:
* إِنَّهُ فَكَّرَ وَقَدَّرَ * فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ نَظَرَ * ثُمَّ عَبَسَ وَبَسَرَ * ثُمَّ أَدْبَرَ وَاسْتَكْبَرَ * فَقَالَ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ * إِنْ هَذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ * سَأُصْلِيهِ سَقَرَ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ * لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ * لَوَّاحَةٌ لِّلْبَشَرِ * عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ *
“Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди. Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди! Сўнгра яна лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди. Сўнгра назар солди. Сўнгра юзини буриштирди ва қовоғини солди. Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди. Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди. Тезда уни сақар (дўзахи)га киритаман. Ва сақар нималигини сенга нима билдирди? У (сақар) боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас. У терини кўп куйдирувчидир. Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир”. (Муддассир. 18 – 30)
Валид бу оятларни эшитиб, фаришталарнинг саноғи ўн тўққизта эканлиги учун қавмидан:
- Мен бир ўзим ўнтасига кифоя қиламан, қолган тўққизтасига сизлар кифоя бўла оласизларми? – деб сўради.
Аллоҳ таоло унинг кибри, мақтанчоқлиги ва ғурурини рад этиб оят нозил қилди:
وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَاناً وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي مَن يَشَاءُ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ
“Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учундир. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учундир. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учундир ва қалбларида касали бор(мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учундир. Шундоқ қилиб Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирадир ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга соладир. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир”. (Муддассир. 31)
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби