Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ”Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...”(Каҳф, 46)
ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ
Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Шу билан бу улуғ неъмат Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир.
Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота - оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота - оналик бурчларини пухта адо этишлари лозим. Яъни унга чиройли исм қўйишлик, яхши таълим - тарбия беришлик ва охир оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота - онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос билан адо этишлик шундай масъулиятли ва шарафли вазифалардандир.
Динимизда Ислом илк жорий бўлганидан бошлаб фарзанд тарбиясига аҳамият берила бошлаган. Кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшидир” (Термизий ривояти)
Мустақил Ўзбекистонимизда ҳам фарзанд тарбияси ва уларнинг илму маърифат соҳиблари бўлиб етишишликлари борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан 2005 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йили эса “Ёшлар йили” жорий йилимиз эса “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди ва буларга таалуқли кенг ҳажмдаги давлат дастурлари ишлаб чиқилди ҳамда амалга оширилди. Бу эса, албатта, ўз самарасини кўрсатмоқда
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Зеро Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳматуллоҳи алайҳи марҳамат қилганларидек: “Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Бухорий ривояти).
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, кимлар билан алоқада бўлаётганларига ҳам бепарво бўлмаслиги керак. Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим.
Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Халқимиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деб бежиз айтмаган. Демакки уларни турли ножўя ҳатти - ҳаракатлардан қайтармоқлик, уларни тинмасдан одобга чақириб турмоқлик, ҳатто кийиниш одобига ҳам эътибор бермоқлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг гарданимиздаги вазифа эрур.
Ахир, европаликлар Исломнинг асл моҳиятини тан олиб турганларида бизнинг ўғил - қизларимиз асли мусулмон фарзанди бўла туриб, уларга тақлид қилишларига йўл бермаслик керак. Айниқса мўйлаблари сабза уриб қолган йигитлар кишининг табиати тортмайдиган оёқларини очиб жамоат жойларида калта иштон билан юриши, қизларимиз эса аллақандай йиртиқ ва калта - култа либослари билан фақат маҳрамигагина кўрсатиши лозим бўлган нафис танларини ҳаёсизларча кўз - кўз қилиб юришлари бизларни бефарқ қолдирмаслиги керак. Шуларми, биз кўз тутиб турган келажакларимиз?!
Муҳтарам юртбошимиз “Юксак маънавият ‒ енгилмас куч” асарида фарзандларнинг маънавий тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: “Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир - оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, ‒ деганларини доимо ёдда тутиб, амал қилган ҳолда фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.
Исомиддин САЙФУЛЛАЕВ
Асака тумани, “Имом Муҳаммад” жомеъ масжиди имом хатиби