Jamiyat va inson > Oila va jamiyat

Инсон қадри

(1/2) > >>

MirzoMuhammad:
ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ

Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин бир қанча хайрли ишлар йўлга қўйилди. Шулар ичида энг эзгуроғи Юртбошимиз ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш куни ташкил қилиниши бўлди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ўтганларимизни қандай хотиралаш ҳақида чиройли иршод қилиб “Ўлганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, ‒ деганлар (имом Суютий, “Ал-жомиъул-акбар”).
Хотиралаш ва қадрлаш шунчаки ўтиб кетганларни ёдга олиб қўйиш эмас, балки ҳаётда борларни қадрлаш ҳам зарурлигини унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда ўтганларимиз бизнинг қуруқ дабдабаларимизга муҳтож эмаслар.
Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади:
–      Ибн Умар қачон Маккага чиқса эшаги бўлар эди. Туяга минишдан малолланиб қолса ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди.
Бир куни ўша эшагида кетаётган эди бир аъробий ўтиб қолди.
–   Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради ибн Умар.
–   Шундоқ, - деди аъробий.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумо эшагини бериб:
–   Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб: - Буни бошингга ўраб ол, -деди.
Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари айтдилар:
–   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Бу аъробийга ўзингиз миниб турган эшагингизни ва ўзингиз бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз.
У киши эса:
–   Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг  энг эзгуроғи кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан алoқаларни боғлашликдур”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар (разияллоҳу анҳу)нинг дўсти эди, –  дедилар. 
(Имoм Муслим ривoяти)
   Ўтганларнинг руҳини шод этиш билан кифояланиб қолмай балки бугунги ғанимат инсонларни ҳам қадрлашимиз зарур. Ҳофиз айтганидек
Ўтгандан сўнг юз йил йиғлаб юргунча,
Тириклик чоғида бир бора йўқланг.
   Зеро бу кун хотира ва қадрлаш кунидир.

   Муҳаммадсобир Иминов. Ҳазрат Умар масжиди имом хатиби
   Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
   Асака

MirzoMuhammad:
Аёл ҳақида Ислом ва Ғарб
Бугунги кунда бутун инсоният англаб етдики, Ислом дини аёл зотининг шаънини доимо улуғлаб келган. Фақат айрим маънавияти саёз кимсаларгина асл инсоний қадриятни англамаганлигидан буни фаҳмламайди.
Улар аёл шаъни оёқ ости бўлиб, ташланди ҳолга келишини ҳуррият деб ҳисобласа, ундай маънавий қашшоқ кимсаларга сўз ҳам хайф. Аёл зоти латиф хилқат эканлигидан уларнинг аврат аъзоларини авайлашни Ислом дини тарғиб қилса-ю, буни ғариб Ғарб зулм деб ҳисобласа, бу уларнинг ҳақиқатан ғариблиги. Уларнинг дунёқарашига йўл қўйиб берилса, жинсий эркинликни ҳақиқий ҳуррият деб баҳолашурлар. Бизлар эса, АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ, МУСУЛМОНЛАРМИЗ!
Бизларнинг йўлбошчимиз  аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда фақат Ислом умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлганлар. У зотдан ривоят қилинган ҳадисни бир эсланг:
«Ўз хотинига меҳр-шафқатли бўлган кишилар ораларингиздаги энг яхши кишилардир”.
Пайғамбар алайҳиссаломдан «Нимани яхши кўрасиз?» деб сўрашганида: «Аёлни, хушбўй нарсаларни ва намозни», деб жавоб қайтарганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари ҳам у зотга нисбатан чексиз ҳурмат, садоқат, итоат, муҳаббат намуналарини кўрсатишди. Биринчи завжалари Хадичаи Кубро қабиланинг энг бообрў, бадавлат, насабли ва гўзал аёлларидан эди. Бу оқила аёл Муҳаммад алайҳиссаломнинг тўғри сўз, ҳалол, хушҳулқ ва ростгўйликлари туфайли ўзи совчи қўйиб, у зотга турмушга чиқди. Бутун бойлигини, меҳр-мурувватини қўш-қўллаб тутди.
У зотнинг Ислом динини ёйиш йўлидаги машаққат-азобларига шерик бўлди, қийин кунларда юпанч, далда берди, чинакам сафдош ва сирдош бўлди. Кенжа завжалари ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан энг кўп ривоят қилган сафдошларидан бўлдилар. У зотнинг кўрсатма ва даъватларини Ислом умматига ёйишда энг кўп жонбозлик қилдилар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳро ҳам имом Ҳасан ва Ҳусайнлардай табаррук инсонларни ҳаёт берган, тарбиялаган энг олийжаноб аёл сифатида тарих қатларига муҳрланганлар.
Аммо жаҳолат ва куфр ҳукмрон бўлган замонларда аёлнинг ҳолига вой эди. Унга бир буюм, эркакларнинг кўнгилхуши сифатида қараларди. Исломгача бўлган араб дунёсида қиз фарзандларни тириклай кўмиш одат тусига кирганди. Аёлларни чўри сифатида олиб сотишарди, танфурушлик қилиб, пулини хожасига топширишга мажбурлашар, хотинлари сонини кўпайириб, уларни хўрлашар, зулм кўрсатишар эди.
Ҳатто, ўзини анча маданиятли ва ҳур фикрли санаган Ғарб оламида ҳам аёлларнинг ҳолига маймунлар йиғларди. Унга бир хизматкор ёки бир буюм сифатида қараларди. “Шайтоннинг урғочиси”, деган номлар билан камситиб, хўрлашарди. Ҳатто, Ғарб мамлакатларидан бирининг парламенти “Аёлни инсон, деб ҳисоблаш керакми-йўқми?” деган масалани муҳокама қилган экан.
Насроний олимлар эркакларни йўлдан оздиргувчи, болаларни ямламай ютувчи бу дунёни “аёл дунё”, деб таърифлаган эканлар. Аммо Ислом қонунлари асосида яшай бошлаган ўлкаларда аёлнинг мавқеи ошди, шаъни улуғланди, ҳуқуқи кенгайди. Унинг жамиятдаги ҳуқуқлари ҳақида гапирмай қўяқолайлик, ҳатто, оиладаги ҳуқуқларининг кенглиги ва адолатпарварлиги ҳозирги Ғарб тадқиқотчиларини ҳам ҳайратга соляпти.
Ислом шариатига кўра, эркак хонимининг рўзғор, кийим-кечак, емак-ичмак соҳасидаги барча сарфу-харажатларини, эҳтиёжларини зиммасига олади, унинг рухсатисиз Ҳажга ҳам кетолмайди, агар аёли болани эмизишни хоҳламаса, бу ишга бошқа аёлни пулга ёллайди, хонимига яхши муомалада бўлиб, унинг нуқсон-айбларини, сирларини яширади ва ҳоказо.
Ҳа, булар барчаси аёлга зулм эмас, балки уларнинг қадрини улуғлашдир.
(Фойдаланилган манба: “Аёл мукаррамдир. Фотимахон Сулаймон қори қизи. зиёуз.cом кутубхонаси)

Баҳодиржон Сулаймонов. Асака т. "Файзобод" жоме масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
ОДАМ САВДОСИ
   Одам савдоси бугунги кунда кўп ишлатиладиган иборалардан бир бўлиб турибди. Кимлардур бу ҳақда надомат билан эсласа, кимлардур ўша надоматнинг олдини олиш илинжида сўзламоқда.
   Ўқувчилик давримизда тарих дарсидан қулдорлик тузуми ҳақида ўқиб, бу нарсалар бари мозийда қолиб кетган деб тасаввур ҳосил қилган эдик. Аммо бугунга келиб ўша тузум ҳамон давом этаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аслида қулдорликка қарши биринчи булиб Ислом дини кураш олиб борган. Қул озод қилишлик ибодат даражасигача кўтарилган. Ҳатто баъзи гуноҳларнинг каффороти учун ҳам қул озод қилишлик шарт қилинганки, булар ҳаммаси инсон ҳуқуқларининг ҳимояси эди.
   У пайтларда-ку, уруш ва жангларда асир тушган инсонлар мажбурий тарзда қул қилинган эди. Бироқ бугунги кунда инсонлар ўз ихтиёрлари билан мўмай даромад илинжида оқибатини ўйламай ўзларини қулчилик тўрига уриб қўймоқдалар.   
Маълумотларга кўра, инсоният тараққиётининг қулдорлик расман ҳукм сурган тўрт асрида қуллар сони 12 миллионга яқин бўлган. Кейинги ўттиз йил ичида фақат Осиёда жинсий қулликка маҳкум этилган аёллар ва болалар (расмий ҳисоб-китобларда 18 ёшга етмаган қурбонлар ҳам болалар сафига киритилади) 30 миллиондан ошган.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг хулосасига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги, учинчи ўринни эгаллайди.
Бу муаммо бугунги кунда бутун жаҳон оммасининг ташвиши бўлиб қолмоқда. Одам савдосига қарши қатор тадбирлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан Республикамизда ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўлимлари ва маҳалла йиғинлари ҳамкорликда тинмасдан фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 22-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”.
Баъзи бир субутсиз ва ориятсиз кимсалар ўз хотинлари ва қизларини ҳам сотилиб кетишлигидан ор қилмай, улардан келадиган даромад иштиёқида ўзлари уйда қолиб уларни ноқонуний йўллар билан чет элга жўнатиб юборишлиги миллатимиз учун ҳам юртимиз учун ҳам улкан хиёнат дейишимиз тўғрироқ бўлур эди.
Бундан ташқари ҳар бир мусулмон боласи уйланар экан, никоҳ пайтида келиннинг “Бағишладим” лафзидан сўнг “Қабул қилдим” деганда бўлажак турмуш ўртоғи олдидаги барча масъулиятларни ўз зиммасига олар экан, жумладан уни боқиб олишни, ҳимоя қилишни ҳам бўйнига олади. Бундан ташқари эркак киши оила бошлиғи эканлиги Қурон ояти билан собит бўлган илоҳий ҳукм. Бироқ бунинг шарти ҳам мазкур оятнинг давомида баён этилган. Яъни эрканинг оилада раҳбар бўлишлигининг сабабларидан бири – мол дунёсидан нафақа қилиб хотинни таъминлашдур.
Шунинг учун эркакларимиз, ҳам хотиннинг ҳақини поймол қилиб, ҳам қиёмат куни Яратганнинг олдида шарманда бўлишдан сақланишларини хоҳлар эдик.
Шунингдек латофат соҳибалари бўлган покдомон қизларини ўз қўллари билан қабоҳат гирдобига топшириб, азиз юртимизнинг шаънига, миллатимиз шаънига доғ туширмайлик. Ҳолбуки, биз фарзандларимиз учун ҳам жавобгармиз!

   Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Муқаддас динимиз таълимотларида бошқа дин ва миллат вакиллари билан ҳам дўстона алоқалар намоён бўлади. Аллоҳ таоло Қурони каримда «Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади:
«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир». (8-оят)
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.
Динимизда миллатлар аро дўстлик ибратланарлик даражада ўз аксини топган. Ҳабашлардан Билол ибн Раббоҳ, форслардан Салмон Форсий, яҳудийлардан Абдуллоҳ ибн Салом каби саҳобийларнинг (разияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмонларнинг наздида қанчалик  ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидур Натижада қанчалаб насроний ва яҳудий динига мансуб кишилар Исломни қалбан қабул қилдилар. Қанчалар мушриклар неча йиллик адоватлардан сўнг Ислом динининг фаолларига айландилар.
Бугунги кунга келиб мусулмонлар бошқа диндагилар билан тинч яшаш босқичидан ҳам ўтиб мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларига ўтмоқдалар.
Муҳтарам Юртбошимиз: “Мусулмонлар ва насронийларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишига арзигуликдир”, деб таъкидлаган эди.
Диний бағрикенглик – турли дин вакилларининг ёнма-ён, тинч-тотув яшашини билдиради. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этиши чин маънодаги бағрикенгликдир. Бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Юртимизда қадимдан 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келади.
Мустақиллик йилларида давлатимиз динлараро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишяпти.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, жумладан, шундай дейилади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашда қонунчилик ҳам такомиллашиб борди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 1991 йилда қабул қилинган. Сўнгги йиллар давомида мазкур қонунни давр талаблари асосида тубдан ўзгартириш зарур бўлиб қолди ва 1998 йилда Республика Олий Мажлиси қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Бу қонун мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур Қонунга асосан ди¬ний ташкилотларнинг бошқа ташкилотлар билан тенгҳуқуқлиги таъминланди. Уш¬бу конуннинг 5-моддасида прозелитизм, миссионерлик ҳаракатлари тақиқланиши белгиланган.
Афсус, қонунга зид ҳаракатларини тур¬ли йўллар ва усуллар билан амалга оширишга уринаётган бузғунчилар, миссионерлар ҳамон учраб турибди. Улар нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, диний маълумоти бўлмаган ёки ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга ҳаракат қилишади. Натижада айрим одамлар алданиб, моддий маънавий қийинчиликлар баҳонасида фитначиларнинг тузоғига илиниб қоляпти. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, ҳақ динимизни, миллий қадриятларимизни, бой тарихий меросимизни ҳимоя килишимиз лозим.
Фитналарга бошловчи ҳар қандай ҳа¬ракат ва ғояларга ҳаммамиз қарши туришимиз, мустақил диёримиз равнақини таъминлаш, халқимиз тинчлигини сақлашдек улуғ ишга холис ҳисса кўшмоғимиз керак.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака тумани бош имом хатиби

MirzoMuhammad:
Эртанинг тадориги
Маълумки  ислом  дини  инсонларни  бир-бирига  доимо яхшилик қилишга амр қилди. Жумладан, Кексалик инсон умрининг сокин давридир. Чунки  одам  кексайганида  катта  ҳаётий  тажрибага,  теран  ақлга  эга  бўлади.  Шундай пайтда,  уларнинг  кўмаги  ва   маслаҳатига  ёшлар  доимо  эҳтиёж  сезадилар.  Агар ёшларимиз  меҳнатсевар,  ҳалол,  диёнатли,  эл  иши  учун  фидойи  бўлиб,  тарбия топмоқни  истасалар,  кекса  авлод  вакилларининг  ҳаётий  тажрибаларидан фойдаланишлари лозим.
Деярли ҳар бир миллатда ҳам кексаларни ҳурмат қилишлик тушунчалари мавжуд. Лекин унинг салмоғи ва амал қилиш даражаси турли миллат ва элатларда турлича мақом касб этади. Шукрлар бўлсинки, бизлар ўша салмоғи юқори миллат вакилларимиз. Бу улуғ хислат ота-боболаримиздан бизларга маънавий мерос бўлиб қолган.
Динимиз таълимотларида ҳам кексаларни ҳурмат ва икром қилишликка тарғиб қилинади. Уларнинг мартабалари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам, бутун башарият ва жамият олдида ҳам эъзозланади.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”. Табароний ривояти.
 Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривояти қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса уни икром қилинглар”. Табароний ривояти.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда фикримизнинг исботи яққол кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида: барака) катталарингиз билан биргадир”. Ибн Ҳиббон ривояти
Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда барака бўлади. Буни эса, кўпинча улар ўтиб кетганларидан кейин сезамиз. Бизнинг назаримизда улар ҳеч қандай ишга ярамай қолгандек туюлса-да, оиламизда борлигининг ўзи ҳаи катта давлат.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга яхшиларингиз ким эканининг хабарини берайми?”, - дедилар. “Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!”, - дейишди. “Сизларнинг яхшиларингиз – ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир”, - дедилар. Ҳоким ривояти.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, баъзи ёши катталар ёшларнинг беодоблиги ва катталарни ҳурмат қилмасликларидан нолиб қолишади. Лекин эътибор бериб қарасангиз, уларнинг ўзлари ёшларига яраша ахлоқда эмаслар. Ҳурматга сазовор бўлиш учун ёши ўтиб қолса ҳам аввалгидек кўнгил кўчаларида кезавермасдан тавба ва ахлоқу, одоб йўлини тутмоқ керак. Акс ҳолда ҳазрат Алишер Навоий таъбири ила айтганда ўзи кексайиб қолсаю, ёшларнинг қилиғини қилса, у одам гўёки қуриган дарахтга латталарни илиб қўйиб шу дарахт кўкариб турибди деган кабидур.
Шунингдек кексайганда ҳурмат топишни хоҳлаган инсон ёшлигида катталарни ҳурмат қилиб олиши керак. Зеро ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёш йигит кексани ҳурмат қилар экан, Аллоҳ унга ҳам кексалигида ҳурмат қиладиганини тақдир қилиб қўюр” деганлар.
Бу насиҳат доимо ёшларнинг ёдида бўлмоғи лозим. Ҳолбуки, ҳадемай кексайиб қолиши бор. Токи ўшанда надомат қилмасин. Бугун имкони борида кексалик учун захира ҳозирлаб олсин.

Улуғбек Сатторов. Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров” жоме масжиди имом хатиби

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

Go to full version