Ҳижрат” ва “такфир” тушунчаларини бузиб талқин этувчиларга Р А Д Д И Я  ( 2326 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


1abdulaziz1  23 Iyun 2015, 12:08:21

“Ҳижрат” ва “такфир” тушунчаларини бузиб талқин этувчиларга
Р А Д Д И Я

“Ҳижрат” луғатда кўчиш, тарк этиш демакдир. У икки хил бўлади. Биринчиси, фарз ибодатларини бажаришга умуман имкон бўлмаганида, зулмлар кўпайганида дин ва ҳаёт мухофазаси йўлидаги маконий ҳижратдир. Иккинчиси, гунох-маъсиятларни тарк этиш маъносида. Шу маънодаги ҳадисларда Пайғамбаримиз (саллоллоху алайҳи ва саллам)нинг қатор кўрсатмалари баён қилинган. Жумладан, Ибн Умар (розияллоху анҳу)дан ривоят қилинган хадисида:
“Ҳижратнинг энг афзали-Аллоҳ таоло қайтарган нарсани тарк этмоқдир”, дейилади. (Имом Аҳмад ривояти).
Ақидапараст гуруҳлар ҳижрат тушунчасини ғаразли талқин этиб, таассубга берилган шахсларни нотинчлик ҳукм сурган минтақаларга жамлаш ва шу орқали қабиҳ режаларини амалга оширишга уринади. Хусусан, улар ғўр кимсаларни Ислом диёри бўлиб, азон айтилаётган, жума ва ҳайит намозлари ўқилаётган, хуллас Исломнинг барча аҳкомлари эмин-эркин адо этилаётган, осуда Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ҳолбуки, она Ватанини ташлаб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш ёки исён қилиш Ислом таълимотига бутунлай зид экани барчага маълум. Зеро, “Ватанни севмоқ имондандир”, деб бежиз айтилмаган.
Набий (алайҳисалом) бир ҳадисда:
“Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилиш йуқ”, деганлар.
Мусулмонни кофир дейиш жуда оғир гуноҳдир.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида ҳеч бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга чиқариш (такфир) жуда оғир оқибатларига олиб келади. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хорижийлар биринчи бўлиб диндошларимизни куфрда айблашлари қонли тўқнашувларга сабаб бўлди. Натижада бир қанча мусулмонлар ноҳақ ўлдирилди.
Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ алломалар бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларида  ёзиб қолдиришган. “Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса” (“Ақидатут Таҳовий” матни). “Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳи боис кофирга чиқармаймиз, деганидир.
Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деб, кейинги оятда: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродарларидир. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10) деган.
Пайғамбаримиздан (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган: “Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз унга ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” “Имом Бухорий”.
Ҳар қандай хато сўз ёки гуноҳ иш куфрга далолат қилавермайди. Бу масалада ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва чуқур илм керак.
Ибн Умардан (розияллоху анҳу) ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ, бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади” (Имом Бухорий ривояти)

Интернетга ин қурган “Ўргимчаклар” китобидан         
                 



Андижон вилояти Шаҳрихон тумани
Найнаво масжиди имоми:                  Р.Омонов


Qayd etilgan