Umumiy bo'lim > Umumiy

Одоб ва ахлоқ

(1/33) > >>

Orifjon Hanafiy:
ШАРҚОНА ОДОБ АХЛОҚ
   Халқимиз қадимдан ахлоқ ва одобда бутун оламга ўрнак ва намуна бўлиб келган. Ота боболаримиз бизларга омонат қилиб қолдирган бу юксак маънавий меросимизни биз ҳам келажак авлодга покиза ҳолда қолдириш учун масъуллигимизни унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда бизларни келажак авлод кечирмагай.
   Ана шу ниятда ахлоқ ва одобга оид гуруҳ очишга азм қилдим. Керак бўлса масжидларимиз ходимларининг фикрларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқчимиз. Шоядки ёшларимизнинг хулқига ижобий таъсир кўрсата олсак. Бунинг учун эса, менимча, аввало ўзимиз ибрат бўлишимиз керак.

Orifjon Hanafiy:
ОДОБ ҲАҚИДА
Айтиш мумкинки, инсонларни бошқа ҳайвонлардан ажратиб тургувчи хислатларидан бири одобдир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи “Адабул муфрад” китобларида одобнинг таърифида шундай деганлар: “Одоб барча яхши ва эзгу хислатларни ўз ичига олади. "Адаб" - чақирмоқ маъносида бўлиб, кишиларни яхшиликка чақиргани, ёмонликдан қайтаргани учун шу хислат "одоб", деб аталган” .
Яна ўша китобда Валид ибн Нумайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича ўтмиш кишилар болаларнинг солиҳ бўлишлари Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади, аммо уларга одоб ўргатиш оталари вазифасидир, деганлар.
Ризоуддин ибн Фахруддин “Аҳли аёл” китобида ёзади: “Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билинур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўътабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадур. Шунинг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак.
Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Аҳлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас.
Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади”.
Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорий бир киши олдидан ўтаётгандилар, у ансорий биродарига уялишдан қайтариб насиҳат қилиб турган эди. (яъни жуда қаттиқ ҳаёли бўлма! Ўзингга қийин бўлади, дeб). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир”, дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари) (“Риёзус солиҳин”)
   Умaр ибн Xaттоб (розияллоҳу aнҳу): "Aввaл одоб, сўнг тaълим беринглaр", дедилaр.
Aбу Aбдуллоҳ Бaлxий: "Нaфснинг одоби илмнинг одобидaн кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидaн кaттaроқ", дегaнлaр.
Aбдуллоҳ ибн Муборaк aйтaдилaр: "Aгaр менгa, бир кишидa aввaлгилaру оxиргилaрнинг илми бор, деб сифaтлaшсa-ю, ундa одоб бўлмaсa, у билaн учрaшмaгaнимгa aфсуслaнмaймaн, aгaр бир киши ҳaқидa нaфс одоби бор деб эшитсaм, унгa йўлиқишни орзу қилaмaн, учрaшмaсaм aфсуслaнaмaн". (“Бўстонул орифин”. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)

   Ҳусанбой Сотволдиев. Мулла Райимжон масжиди имоми
   Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
Асака

Orifjon Hanafiy:
ОДОБЛИ БЎЛИНГ
Одоб кишининг зийнати. Одобли инсон хор бўлмагай. Одоб кишининг кўплаб камчиликларини тўсиб қўйгай. Ва, аксинча беодоблик барча камчиликларнинг бошидир.
Ҳар кимсанингким, хулқи хуш, толеъи хуш эса
Ҳар жойда, ҳар маконда унга эътибор бўлур.
(Оразий)
Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл,
Қўлга санчилма тикондек, балки беозор бўл.
Кекса ҳам ҳурматлагай одобли бўлган ёшни
(Чустий)
Умaр ибн Xaттoб разияллoҳу aнҳу: "Aввaл oдoб, сўнг тaълим бeринглaр", дeдилaр.
Aбу Aбдуллoҳ Бaлxий: "Нaфснинг oдoби илмнинг oдoбидaн кўпрoқ, илмнинг oдoби илмнинг ўзидaн кaттaрoқ", дeгaнлaр. (Бўстoнул oрифин. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, дeдилар. Имом Тeрмизий ривояти. (Риёзус солиҳин. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий)
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Одоби йўқ кишининг илми йўқдур.
Сабри йўқ кишининг дини йўқдур.
Тақвоси йўқ кишининг Аллоҳга яқинлиги йўқ».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тўрт нарсанинг онаси қуйидагилар:
1. Давонинг онаси - оз емоқликда;
2. Одобнинг онаси - оз гапирмоқликда;
3. Ибодатнинг онаси - гуноҳларни камайтирмоқликда;
4. Орзуларнинг онаси - сабр қилмоқликда”.
(Мунаббиҳот. Шайx Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний)


Муроджон Сиддиқов. Шаҳрихон туманидаги Ҳалимқори масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини. Асака

Orifjon Hanafiy:
МЕҲМОН КУТИШ ОДОБЛАРИ
   Меҳмондўстлик қонимизга сингиб кетган фазилат. Шунинг учун кўчамиздан бирор таниш ўтиб қолса, ёки кўча-кўйда бирор танишни учратиб қолсак, ҳатто телефонда гаплашсак ҳам меҳмонга таклиф қилиш одатимиз бор. Шунчалик тантилигимиздан баъзи пайтларда уйимизда шароит бўлмаса ҳам меҳмон етаклаб кирадиган ҳолатимиз бўлиб қолади. Бу эса гоҳида ўзимизни ҳам, оила аъзоларимизни ҳам, меҳмонни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўяди. Шунинг учун уйда иложи борича шароит қилиб қўйиш керак.
   Меҳмон кутувчи инсоннинг ҳам ўз вазифалари ва меҳмон кутиш одоблари бор. Ушбулар шулар жумласидандур ва унга иложи борича амала қилинг:
- Меҳмонга чақирганда шахсан телефонда ва учрашиб айтилади. Меҳмонни кимдир орқали чорлаш беписандлик ва таклиф этилган инсонга нисбатан ҳурматсизлик. Меҳмонга меҳмондорчиликдан бир неча кун олдин айтиб қўйиш керак.
- Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, ҳожатини айтишига имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни хижолатга қўймай, сўраганини беришга ёки илтимосини бажаришга ҳаракат қилинг.
- Пайсалга солмай дастурхон тузанг ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортинг.
- Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламанг, меҳмондорчиликни овқат пишириш беллашувига айлантирманг.
- Меҳмонлар билан бирга уларга малол келадиган кишини ўтқазиш дуруст эмас, чунки малоллик иштаҳани бўғади. Агар улар овқатланиб бўлсалар ва ижозат сўрасалар, уларни узоқ ушлаб туриш  дуруст эмас, чунки бу уларга оғир келади.
- Меҳмонларнинг олдида сукутни кўпайтирманг, одамовилик бўлади. Уларни ёлғиз қолдирманг, уларнинг олдида хизматкорга ғазаб қилманг, чунки меҳмонларга кўрсатиладиган энг яхши ҳурмат очиқ юз ва чиройли сўздир.
- Хонадонингизда уй ҳайвонлари бўлса, уларни меҳмонлардан узоқроқ тутинг. Чунки ҳаммага ҳам уй хайвонлари бирдек ёқавермайди.
- Меҳмон кутишга тайёргарлик кўраётганда, хоналарнинг озодалигига алоҳида эътибор беринг. Жумладан, ваннага тоза сочиқ, тароқ қўйинг. Бошқа майда-чуйдаларгача қараб чиқинг.
- Меҳмонлар белгиланган вақтдан эрта келиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, ярим соатлар олдин чиройли кийиниб, уларни кутишга тайёр бўлиб туринг.
- Намоз вақтини билдириб қўйинг ва намоз вақти кириб қолса, таҳорат учун шароит тайёрлаб қўйинг. (Интернет маълумотлари асосида тайёрланди)

Исомиддин Сайфуллаев. Имом Муҳаммад жомеъ масжиди имом хатиби
Жўрабек Раҳматиллаев. Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Orifjon Hanafiy:
БИРВОНИНГ АЙБИ
   Одамлар орасида кенг тарқалган иллатларнинг бири - бировнинг айбини очишлик. Аслида инсон аввало ўзини ислоҳ қилиши керак. Биз эса гўёки ўзимиз фаришта каби бегуноҳдек ўзимизнинг айбларимиз тўлиб-тошиб ётса-да, тинмай ўзгаларнинг айбларини қидирамиз. Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи атганларидек: ”Бошқаларнинг айблари билан шуғулланасизлару, ўзларингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз”.
   Энг ачинарлиси шуки, бировнинг очиқ ва зоҳир камчилигинигина эмас, балки қилган-қилмаганлиги аниқ бўлмаган мавҳум гап-сўзларни тарқатиш авж олиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Гумондан сақланинг, чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидур. Тимирскиламанглар, жосуслик қилманглар, ҳасад қилманг, бир-бирларингизга тескарилашманглар, бир-бирларингизни ёмон кўрманглар! Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинглар!” деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан имом Бухорий ривояти)
   Уқба разияллоҳу анҳунинг котиби Духайн айтади:
   “Уқбага:
-   Бизнинг қўшнилармиз бор. Хамр ичишади. Мен миршабларни чақираман, улар тутиб кетишади, - дедим. У:
-   Ундай қилма! Лекин насиҳат қил ва охират азобидан қўрқит.
Мен унинг айтганини қилдим. Аммо улар тийилмади.
-   Мен уларни қайтарсам, қайтишмаяпти. Мен миршабларни чақираман, улар тутиб кетишади, - дедим. У яна:
-   Ундай қилма! Лекин насиҳат қил ва охират азобидан қўрқит.
Бу ҳолат яна такрорланди. Шунда Уқба:
-   Шўринг қурғур, ундай қилма! Чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мўминнинг айбини беркитса, гўёки тирилайин кўмилган қизчани тирилтиргани каби бўлур” деганларини эшитганман, - деди”. (Абу Довуд ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари)
Албатта, бу дегани ҳар ким хоҳлаганини қилсин дегани эмас, эътибор қилган бўлсак уларга насиҳат қилишга буюряпти. Қолаверса Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Биз жосуслик (бировларнинг айбини қидириш)дан қайтарилганмиз. Лекин бирор нарса зоҳир бўлса, уни ушлаймиз” деган. Бу ерда асосий ғоя бировларнинг зоҳир бўлмаган айбларини ковлаштирмаслик. Зеро мазкур ҳадисда ақл эгалар учун етарли ибрат бор.

Мирзо Шариф масжиди имом хатиби Йўлдошев Сарварбек
Сиддиқ ҳожи жомеъ масжиди имом хатибининг ноиби Солихонов Ҳусанбой
Асака

Navigation

[0] Message Index

[#] Next page

Go to full version