Одоб ва ахлоқ  ( 98145 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 B


MirzoMuhammad  10 Aprel 2018, 15:19:57

ТИРИКЧИЛИК
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра оилада рўзғор харажатлари асосан эркакнинг зиммасида бўлиши ҳаммамизга маълум. Эркакнинг оилада бошлиқ бўлишлигининг шартларидан бири ҳам айнан топган мол-дунёсидан оилага нафақа қилишлигидадур. Эркак ҳар қандай ҳолатда ҳам оила юкини кўтаришга танбаллик қилмаслиги керак. Акс ҳолда оилада раҳбарлик тизгинининг ярмини қўлдан бой беради.
Албатта, тирикчилик ўзига яраша машаққат талаб қилади. Қаерга борсангиз ҳам биров сизга манави пулни олиб қўйинг деб тайёрлаб турмайди, балки ўша пулни олиш учун меҳнат талаб қилинади.
Ҳатто илм талабида бўлган инсон ҳам, тарки дунё қилган зоҳидлар ҳам, нафсини тийган тақводорлар ҳам, дунёдан юз ўгирган сўфийлар ҳам ўз нафсилари учун ҳар қанча қаноат қилсалар-да, оилада хотин ва бола-чақанинг ҳақини адо қилишлик гарданидан соқит бўлмайди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам нубувватдан аввал тиркчилик билан машғул бўлганлар. Бу ҳақда “Нурул яқин” китобида (Муҳаммад Хузарий. зиёуз.cом кутубхонаси) шундай баён қилинган:
Муҳаммад алайҳис-саломга оталаридан ҳeч нарса мeрос қолмади, у киши камбағал оилада, етим булиб дунёга кeлдилар, бану саъд қабиласида эмизилиб, эмикдош биродарлари билан подачилик қилдилар. Маккага қайтиб кeлгач, арзимаган иш ҳақига одамларнинг қўйини боқдилар.
Имом Бухорийнинг "Саҳиҳул Бухорий" китобидаги бир ҳадисда баён этилишича, пайғамбарларнинг ҳаммалари подачилик қилишган. Бу нарсада ҳам ажойиб ҳикмат бор. Жониворларнинг ювоши бўлмиш қўйни боққан инсоннинг дилида мулойимлик, мeҳрибонлик куртак отади. Пайғамбарлар одамларни тўғри йўлга даъват этганларида уларнинг табиатидаги чарслик, қалбидаги бeқарорлик тузалиб, мўтадил ҳолга кeлади.
Муҳаммад алайҳис-салом улғайгач, Соиб ибн Абу Соиб билан бирга тижорат қилдилар. Хадичага уйланганларидан кeйин ҳам у киши ўз мeҳнатлари билан пул топиб, кун кeчирдилар.


Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. "Имом Муҳаммад" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Aprel 2018, 12:28:59

РОСТГЎЙЛИК
   “Бошингга қилич келса ҳам рост сўзла” деган матални мактабдалик чоғимиздаёқ, балки ундан ҳам аввалроқ хотирамизга муҳрлаб олганмиз. Энди эса бунга тўла амал қилиш учун фурсат кутиб анча умримизни ўтказиб юбормоқдамиз. Ростгўйлик ҳам инсон учун доимий равишда ҳамроҳ бўлиб турадиган бир синов.
Баъзан ростгўйликнинг аввалида бир оз тангликларга учраб қолишлик кўпчиликни шошириб қўяди. Шунинг учун оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичганидек, бўлар- бўлмасга ёлғон ишлатишга кўникиб қолдик. Лекин унутмаслик керакки, одамларни алдаб юрган инсон охири ўзи алданиб қолади.
Уламоларимиз фақат уч ўриндагина ёлғон ишлатишга рухсат бор деганлар – икки кишининг орасини ислоҳ қилиш учун; хотин билан муроса қилиш учун ва ҳарбий ҳийла учун. Ундан бошқа пайтда ҳазил учун ҳам ёлғон гапиришга рухсат йўқ.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди:
"Ахлоқнинг яхши бўлиши, таомнинг покизалиги, ростлик ва омонатга хиёнат қилмаслик - мана шу тўрт хислатни Аллоҳ таоло сенга берган бўлса, дунёвий ишлардан четда қолган бўлсанг ҳам, зарари йўқдир".
   Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди - Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   "Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик эзгуликка етаклайди. Эзгуликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида ростгўй деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади", дедилар.
Ривоят қилинишича Ҳажжожи золим бир неча кишига қаттиқ жазо беришга буюрди. Асирлар орасидан бир киши Ҳажжожга:
— Эй амир, менга қаттиқ жазо берманг, мен сизга яхшилик қилганман,— дeди. Ҳажжож ундан қандай хизмат қилганини сўради. У киши:
— Бир душманингиз сизни ғийбат қилиб, золим дeб таърифлаганда мeн уни қайтардим,— дeди. Ҳажжож ундан:
—   Гувоҳинг борми?— дeб сўради. У асирлар орасидан бир кишини гувоҳ этиб кўрсатди. Асир бу ишдан бeхабар бўлса ҳам, унинг жонини асраб қолиш учун:
—   Тўғри айтади, мeн ўша жойда эдим, сизни ёмонлаб сўзлаётганда тўхтатиб қўйган эди,—дeб ёлғондан гувоҳлик берди. Ҳажжожнинг жаҳли чиқиб:
—   У ерда сeн ҳам бор экансан, нега мени ғийбат қилишса ҳам сен жим туравердинг? — деди.
—   Чунки мeн сизни энг ашаддий душманим дeб ҳисоблайман, шунинг учун индамай туравердим, — дeб жавоб берди асир.
Шунда Ҳажжож уларнинг ёлғон гаплари учун жаҳли чиқса-да, асирнинг тўғри сўзи учун ҳар иккаласини ҳам озод қилиб юборди.

Дадабоев Муҳаммадқудратбек. Асака т. "Ҳолмадодхоҳ" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Aprel 2018, 12:30:16

САХИЙЛИК
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Бандалар тонг оттиргувчи кун борки, икки фаришта тушмай қолмас. Уларнинг бири “Эй Аллоҳим, нафақа қилгувчига (нафақасининг) ўрнини босгувчини бергин”,− деб туради. Иккинчиси эса “Эй Аллоҳим, ушлаб қолганга талофат бер” ,− деб туради. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Яъни ҳар тонгда тушгувчи икки фариштадан бирининг вазифаси шу ўтгувчи кунда ким хайру эҳсон қилса, унинг ўрни Яратганнинг хазинасидан яна тўлдирилишини сўраб туриш бўлади. Ва албатта уларнинг дуолари ижобат бўлғуси. Бунинг мисолини дарёдан сув олишга эмасу, саҳродаги қумдан бир ҳовуч олганга қиёс қилиш мумкин. Негаки, дарёдан челакда сув олганда ўрни билинмайди, амммо саҳродаги қумдан бир ҳовуч олинса, ўша пайтда ўрни кемтикка ўхшаб қолсада, ҳеч қанча ўтмай шамол ва шаббодаларда яна аввалгидай билинмай кетади.
Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдур, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қай бир киши ҳалолдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалолдан бошқасини қабул қилмагай, Раҳмон уни ўнг қўли ила қабул қилади. Агарчи бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида токи тоғдан катта бўлгунча ўсади. Худди сизларнинг бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилгани каби”, дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган)
   Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар. (Термизий ривояти)   
   Бизнинг саҳоватлик элатимиз баъзан, ҳатто кейинги пайтларда кўпроқ ҳолатларда “саҳийлик” нинг чегарасидан чиқиб кетмоқдалар. Ҳолбуки саҳоватнинг чегарасидан сўнг исрофгарчилик ва риё ҳудудлари келади. Аллоҳ таоло Қурони каримнинг бир қанча оятларида исрофгарчилик нақадар ёмонлиги ҳақида баён қилган. Тўй-тўркин, йиғилишларда, матбуотларда бу ҳақда неча бора такрор айтмоқдамиз. Ўзимизнинг тоқатимиздан ортиғига беҳуда чиранишдан мурод нималигини ҳам яхшилаб фикрлаш фурсати келди. Шунчалик дабдабадан мурод одамларга кўрсатиш учунлигини очиқ-ойдин тан олмоқдамиз. Энди эса фақатгина амал қилиш қолди.
   Ҳар бир ишда ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларига кўра ўрта ҳолликни ихтиёр этишликка насиб айласин.

Жалолиддин Исмоилов. Асака т. "Тошбой халфа" масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  14 May 2018, 14:41:14

ТИНЧЛИК  ВА  ХОТИРЖАМЛИК
   Эрталабда ўз уйимизда, оила аъзоларимиз ҳузурида хотиржам нонушта қилиб, ҳеч қандай ҳадиксиз бемалол, шошилмай ишимизга борамиз. Ишхонада эса ҳамкасабалар билан бамайлихотир енгилгина гурунглашиб олиб ўз ишларимизга шўнғиб кетамиз. Қалбимизда яна хотиржамлик. Тез - тез соатимизга қараб қўямиз – тушликка оз қолдимикин, деб. Айниқса тушликдан қайтишда яна ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб кетамиз. Режамиздаги вазифаларимизни адо қила олсак кечга яқин қайтамиз, бўлмаса уйга қўнғироқ қилиб кечроқ қайтишимиз ҳақида огоҳлантириб қўямиз. Шу билан уйдагилар ҳам хавотир олмай ўтирсин деймиз. Дарҳақиқат, оила аъзоларимиз ҳам бундай кеч қолишларга кўникканидан кечки таомдан бизга яраша насибани ажратиб қўйиб бемалол овқатланиб, керак бўлса телевизор кўриб, бўлмаса бошқа юмуши билан машғул бўлиб, келгунимизча кутиб турадилар.
Юқорида биз зикр қилган ҳолат доимийлиги учун кўнкиб кетганмиз. Шунинг учун ҳам бу осудаликнинг асл сабаби нимадилигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз, бу тўғрида фикрлашни хаёлимизга келтирмаймиз ҳам. Аммо бир оз тафаккур қилиб кўрсак, биламизки, бу осудалик боиси – Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, тинчлик, омонлик ва хотиржамликнинг ўзи эмасми?
Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англагайлар.
Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.
Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она Ватанимиз бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғингиздами, юртимизнинг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?
Бу бебаҳо неъматнинг улуғлигиданки, ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳадиси шарифларида қайта - қайта таъкидлаганлар.
وعن أنس أن رجلا جاء إلى النبي صلى الله عليه وسلم فقال يا رسول الله أي الدعاء أفضل ؟ قال سل ربك العافية والمعافاة في الدنيا والآخرة ثم أتاه في اليوم الثاني فقال يا رسول الله أي الدعاء أفضل ؟ فقال له مثل ذلك ثم أتاه في اليوم الثالث فقال له مثل ذلك قال فإذا أعطيت العافية والمعافاة في الدنيا والآخرة فقد أفلحت . رواه الترمذي وابن ماجه وقال الترمذي هذا حديث حسن غريب إسنادا .   

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
‒  Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.
–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам.
Иккинчи куни келиб яна:
–   Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.
–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар яна.
Учинчи куни келиб яна:
–   Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.
–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўрайвер. Бас  қачонки сенга дунё ва охиратда афв ва офият берилса, батаҳқиқ нажот топибсан – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам. ( ибн Можа ва Термизий ривоят қилган, ҳасан деган. Лафз ибн Можаники)
Бугунги кунда қай бир жабҳага қараманг, Яратган Эгамнинг биз бандаларга Ўзининг неъматларини тўкин-сочин қилиб берганини кўрасиз. Дастурхонлардаги нозу-неъматларни қарияларимиз таъбири билан айтганда “Фалончи бойлар ҳам кўрмаган”. Ибодатдаги эркинликни фақатгина худосиз жамиятни кўриб ўтганларгина яхши англайдилар. Оммавий матбуот ва минбарлардан туриб имон-эътиқодларимиз ҳақида, ўзлигимиз ҳақида баралла айтилиши, бу – билган одамга жуда ҳам катта неъмат эмасми?
Ариқларимиздан шилдираб оқаётган зилол сувлар эса бошқа юртларда эртаклардаги манзаралар каби. Айниқса бу йилги санада сувнинг сероб бўлиши деҳқончиликларга анчагина таъсир қилди. Ҳамма ёқ мўл-кўл бўлиб кетди. Қиш фасли кириб келган бўлишига қарамай, тўйларимизнинг кети узилмаётгани ҳам шунга далолат қилмайдими?
Албатта, тўйларнинг кўпайиши халқимизнинг чўнтагида сармояси борлигидан  эканлиги ҳам рост, аммо яна бир улкан неъмат – ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИК  неъмати борки, усиз юқоридаги неъматлар тотли бўлурми?
Хўш, оламларнинг Парвадигори бизларга шунча карам қилиб турган бўлса, бизлар нима қилмоғимиз лозим? Энди биз нима қилсак ҳам бу неъматларнинг охири бўлмайди деб, ғафлатда юриб, билганимизни қилаверишимиз керакми? Ёки шунча неъмат ичидан ҳам кам кўстини ахтариб топиб нолиб, хасрат қилишимиз керакми? Албатта соғлом фикрли ҳар қандай инсон шукр келтирмоғимиз лозим, деб жавоб беришига шубҳа йўқ. Шундагина, иншо-Аллоҳ, неъмат бардавом бўлажак.
Ҳақ  субҳанаҳу ва таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُون۝
“Бас Мени эслангизлар, Мен ҳам сизларни эслагайман. Ва Менга шукр қилингизлар, куфрона қилмангизлар ”(152  - оят).
Ушбу  ояти кариманинг тафсирига кўра Зайд ибн Асламдан ривоят қилинишича Мусо алайҳис салом Тангри таолодан:
– Эй Раббим, мен Сенга қандай қилиб шукр келтираман, – деб сўради. Аллоҳ азза ва жалла:
– Мени эслагин ва унутмагин.  Қачонки Мени эсласанг, батаҳқиқ Менга шукр келтирган бўласан. Қачонки Мени унутсанг, демак, менга куфрона қилган бўласан.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Кимки Аллоҳни эсласа, Аллоҳ ҳам уни эслайди. Ким Унга шукрона қилса, яна зиёда қилиб беради. Ким Унга куфрона қилса азоблайди”. (Ибн Касир тафсиридан)

اللهم إني أسألك العفو والعافية في الدنيا والآخرة ربنا آتنا في الدنيا حسنة وفي الآخرة حسنة وقنا عذاب النار
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ.
Асака т. "Холид ибн Валид" жоме масжиди ходими

Qayd etilgan


okahon.8800  20 Iyun 2018, 15:30:32

КАШАНДАЛИК - ЗАРАРЛИ ОДАТ.
Ҳозирги кунга келиб, дунё миқёсида чекувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Xусусан ёшлар ва xотин-қизлар орасида кашандаликнинг тарқалиши эса жуда аянчли ҳолдир. Базан қўлида сигарет тутатиб олиб ўзларини катталардак тутишга уринаётган ўқувчиларни ҳам учратиш мумкин.
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун зарарли эканлигини барчага маълум. Ҳатто тамаки ишлаб чиқараётганлар тамаки қутиларини орқасига “чекиш соғлиқ учун зарар” дея ёзиб қўйишган.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик саломатлик бўлиб, уни бундай зарарли одатлардан асраш эса ҳар бир инсонга лозим бўлади.
Барчаларимизга яxши маълумки, Муқадас динимиз кўрсатмаларида инсоният беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:
1. Инсон динини муҳофаза қилиш.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
4. Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
5. Инсон молини муҳофаза қилиш.
Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади.
Тамаки чекишликда инсонни ақлига, наслига, соғлигига ва молига зарар етади. Инсоннинг ўз танаси ва соғлигини асраши, ўзини ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан сақланишлиги керак. Зеро жисм, тана аъзолари соғлом ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан ҳоли бўлиши, фаровон ҳаёт гаровидир.
Тамаки тутунининг таркибида тўрт мингга яқин модда бўлиб, ҳаммаси инсон саломатлигини емирувчи экани тиббий тажрибаларда собит бўлган. Улардан: саратон (рак), сил, оғиз, лаб, тил, кичик тил, xазм ва нафас олиш аъзоларининг яллиғланиши xамда сийдик йўллари касалликлари. Чекишнинг наслга, бундан ташкари ишлаб чиқаришга таъсири, иқтисодий зарарлари бўлиб, ёнғин ва йўл xаракати ҳодисалари, атроф-муxитни кирланиши ва бундан бошқа кўп зарарлари бор.
Чекиш таъсири остида қон таркиби ўзгариб, ундаги эритроситлар сони камаяди, томирлар чекмайдиган одамларникига қараганда анча тезроқ қариб қолади, ўпка раки xасталиги чекмайдиган инсон организмга нисбатан 8 - 10 баробар кўпроқ учрайди. Кашандаларда аста-секин xотира пасайиб, асаб системаси издан чиқиб боради.
Тамакининг моддий зарарлари.
Инсонни қорнини тўйдирмайдиган дунёсига ҳам оxиратига ҳам фойда бермайдиган беҳуда бефойда ишлардан саналган “тамаки чекишликка” молу-дунёсини сарифлашлик тамакининг моддий зарарларидан биридир. кашанда одам чекиш сабабидан соғлиғини йўқотади албатта соглигини тиклашликга маблагини сарфлайди, Базида тамакини чўғи кийимига ёки уйидаги гиломларга тушиб куйдиради , бу эса айрим ҳолатларда ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлади ҳам унинг учун моддий зарар.
Кунига бир қути тамаки чекадиган инсон кунига 2 минг сўмга тамаки ҳарид қилса, бир ойда 60 минг сўм бир йилда эса 720 минг сўм маблағини ўз қоли билан тутатиб, ёқиб юборган бўлади.
Тамакининг жамиятдаги зарарларидан бири- Оила муҳитига бўлган зарар. Аёллар, болалар, кексалар кашандадан кўра кўпроқ азият топади. Чунки тутуннинг чекувчидам кўра чекмайдиган одамга ёмонроқ таъсир кўрсатиши ҳам илмий тажрибаларда исботини топгандир. жамоат жойларида жамоат транспотрида ва шунга ўxшаган жойларда истемол қилинган тамаки ҳавони ифлослантиргандан ташқари ўша жойдаги инсонларни саломатчилигига ҳам салбий тасир кўрсатмай қолмайди.
Тамаки ўраш учун қоғозларнинг энг сифатлиси ишлатилади. Агар бу қоғозлар китоб босиш учун ишлатилганда эди анча мунча китоблар нашрдан чиқган болар эди. Масалан бир кашанданинг умр бойи чекган тамаки қогозига 300 минг бетли китоб босиш мумкин.
Демак юқоридаги ҳисоб-китоблардан келиб чиқсак кашандалик инсон учун энг ноёб нематлардан бўлган қоғозни ҳам исроф қилишдир. Бундан малум бўладики тамаки истемол қилишлик инсон учун зарарли одатлардан, бизлар доимо ҳушбўй ва озода бўлиб юришлигимиз, ўзимиз ҳам бошқалар ҳам азиятланмаслиги учун бундай зарарли одатлардан сақланишлигимиз керак.
Мухаммадийхон Хожиев.
[/color][/size][/font]

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Iyun 2018, 16:15:40

Маънавий бойлик
Қаноат инсоннинг ҳақиқий бойлигидир. Қаноат бўлмаса ҳар қанча бойлик бўлса-да, инсон тўймайди. Балки маънавий қашшоқлик ботқоғига ботиб кетади.
وَعَنِ ابْنِ عَبَّاس وأنس بن مالك رَضِي الله عنْهُم أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قَالَ : « لَوْ أَنَّ لابْنِ آدَمَ وَادِياً مِنْ ذَهَبِ أَحَبَّ أَنْ يَكُونَ لَهُ وادِيانِ ، وَلَنْ يَمْلأَ فَاهُ إِلاَّ التُّرَابُ ، وَيَتُوب اللَّهُ عَلَى مَنْ تَابَ » مُتَّفَقٌ عَليْهِ .
Ибн Аббос ва Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одам боласининг бир водий тилласи бўлса, икки водий тиллоси бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар. "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Бойлик молнинг кўплиги билан эмас, балки нафснинг бойлигидир", деганлар".
Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини англаб етади. Натижада, мол-дунёга ортиқча ҳирс қўймай, шукр қилиб яшайди.
Аллоҳ таоло Қурoьни Каримнинг жуда кўп жойларида одамларни сабр қаноатли бўлишга чақиради. Сабр-қаноат шарофатидан одам юксак даражаларни қўлга киритиши, кўплаб неьматлар, хайрли ишлар, яхшиликларга сазовор бўлиши таъкидланади. Аллоҳ таоло Қурони каримда мўминларни сабр қилишга чорлаб, сабрли бандаларга Ўз мукофотини ваъда қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ * وَلاَ تَقُولُواْ لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبيلِ اللّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاء وَلَكِن لاَّ تَشْعُرُونَ *  وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ * أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ *
“Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара. 153-157)
Айтибдиларки, одамларнинг бахтлироқлари қуйидагилардир: қалби илмга ташналар; жисми сабр қилгувчилар; борига қаноат қилувчилар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ ал-Яманийнинг айтишларича, Тавротда шундай ёзилган экан:
«1. Очкўз киши дунёга подшоҳ бўлса ҳам, барибир фақирдир.
2. Итоаткор кишига агар у қул бўлса ҳам, одамлар итоат қиладилар.
3. Қаноат қилувчи киши агар оч бўлса ҳам, барибир бойдир».

Бахтиёржон Сайдалиев. Улуғнор туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  27 Iyun 2018, 17:12:53

ОТА – ОНА ФАРЗАНД УЧУН САОАДАТ
Ота - онанинг хизматини қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи. Хеч бир фарзанд хар қанча ота – онасини хизматини қилсада хизматини одо қила олмайди. Дарҳақиқат,  Аллоҳ таоло  ота­онага  яхшилик  қилишни ҳар бир мусулмон кишига фарз қилган. Шу сабабли уларга  яхшилик  қилиш  ака­ука,  ёрудўстларга  ва  ҳатто фарзандга яхшилик қилишдан ҳам устун туради.
Шунингдек Ислом дини таълимотларида фарзанд ота ­ онага  зинхор ва зинхор озор  бермаслик  ва  уларнинг  сўзу феълларидан ҳеч малолланмасликка буюрилган, Қурони каримда қуйидагича хитоб қилинади
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай мархамат қилади: “Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Ота-онанинг қадри-қиммати, ҳурмати шу қадар катта эканки, уларнинг ҳар бир сўзи ва сўзсиз бажарилиши, уларга яхштилик қилиш эса фарзанднинг энг муҳим бурчи бўлиши керак. Фақат бир ҳолдагина, яъни улар фарзандларини ширкка тарғиб қилишса, уларга итоат қилинмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин!” (Анкабут сураси, 8-оят).
Ҳазрати Луқмони Ҳаким ўғлига деди: “Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Роҳманни рози қилган бўлади. Ким ота-онасининг ғазабига учраган бўлса, Роҳманнинг ғазабини чиқарган бўлади. Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан бир эшикдир. Агар рози бўлсалар, Жабборга бориш бор. Агар аччиқлари чиқса, ёпилиб қолиши бор”.
Хазрат навоий ота она хурмати борасида олтин ва жавохирлардан хам қимматбахо насихатларин айтганлар:
Бошни фидо қилгил ато бошиға,
Жисмни қил садқа ано қошига.
Тун-кунингга айлагали нурфош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а) Пайғамба¬римиз (с.а.в) дан ривоят қилади: “Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?” Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай”, деб жавоб бердилар. (Имом Байҳақий ривояти).
Фарзандни ота онасини хизматида бўлиш шу қадар савобли амалки. Хатто фарзанд учун   ота - онасини бор эканидан мамнун бўлиб бир маротаба уларнинг юзларига меҳру шафқат назари ила қараб қўйганга битта хаж амалини совоби берилса, уларни хизматини қилганига қанчалик улуғ савоблар берилар экан. Шунинг учун доимо уларни рози қилишга харакат қилиш лозим. Зеро уларнинг розилиги фарзанд учун саодат.
“Мухаммад Соли Хожи” жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.


Qayd etilgan


okahon.8800  27 Iyun 2018, 17:14:18


БОЛА ТАРБИЯДА - ЯХШИ ДЎСТНИНГ МУХИМЛИГИ
Муқаддас Ислом динимизда таълимотларида, ёш авлодни хар жиҳатдан юксак одоб – аҳлоқли, илм – марифатли этиб тарбиялашни энг шарафли ва фазилатли амаллардан экани баён қилинади.
Тарбия ҳар бир киши учун дунёда энг манфаатли ҳамда зарур бўлган хислатлардандир. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир” - дея марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти).
Хар бир ота - она доимо фарзандини тарбиясида назоратсиз қолдирмаслиги ва яхши инсонларга хамрох айлаши керак. Зеро у фарзанд мисоли бир нихол шамол қайси тарафдан эсадиган бўлса уни қаддини букиши мумкин.
“Қозонга яқин юрсанг қораси юқар дея” бежизга айтмаган доно халқимиз. Зеро инсонга яхши – ёмон хар бир инсон сухбатининг тасири бор. Шунинг учун доимо яхши кишилар билан сухбатдош бўлишлик, бебош ва тарбиясиз инсонларнинг сухбатидан сақланишлик керак.
Ўтмишда яшаб ўтган улуғларимиз “Ҳар ким агар ёшлигидан беодоб кишилар ичида ўсиб улғайса, катта бўлгач, унинг вужудига ўрнашиб олган бадфеъллик иллатини чиқариб ташлаш қийин бўлади” - деганлар.
Бу борада Хожа Самандар Термизий шундай деганлар:
Гўдакликдан ёмон феълга ўрганса,
Юз меҳнат-ла уни кам қилиб бўлмас.
Яхши йўлга солай дебон уринма,
Ўсиб қотган шохни хам қилиб бўлмас! .
Саҳий ва олижаноб инсонлар билан суҳбатдош бўлмоқ кишини ёқимли фел ва чиройли хислатларга рағбатини қилдиради. Ёмон фелли ва фасод табиатли кишилар билан бўлган суҳбат эса ёқимсиз сифат ва қабих иллатларга етаклайди. Ёмонлар билан яхшиларни суҳбати орасидаги фарқ ва улар билан қилинган суҳбат тасири худди шамол кабидир. Шамол ёмон жойдан ўтиб қолса, бадбўй хидларни олиб келади. Агар ширин муаттар хидли жойлардан ўтиб қолса, муаттар исларни келтиради.
Донолар айтадилар: Эй оқил фарзанд жохил ва ноахил инсонларнинг сухбатидан қоч. Оқил ва комил кишилар сухбатига интил. Зеро фисқу фужур аҳлини сўҳбати бир куни ўзинга зиён келтирувчи илон кабидир. Ақилли инсонларни хизматини қилиш эса фойдадан холи бўлмаган аттор дўконига ўхшайди. Атторнинг дўкони доимо кишиларнинг димоғини ўз хиди билан бахраманд этади.
Аттор каби бўлгин, чунончи аттор.
Ўзгалар либосин қилар муаттар.
Ривоят қилишларича: Луқмони Ҳакимнинг фарзанди ўзига номақбул дўстларни улфат билибди. Улар билан борди келдини кўпайтириб бориши хар қандай ота сингари Луқмони Ҳакимнинг ҳам ғашини келтирибди. Бир куни у ўғлини чақиртириб:
- Болам, дўстни бўлгани яхши, аммо дўст танлашда адашиб қолма. Ҳозирги дўстларингни ҳулқи яхши эмас. Сенга ёмон таъсир кўрсатишлари мумкин - деб насиҳат қилибди.
Ўғли эса ўзига ишонч билан:
- Отажон, сиз менга кучли тарбия бергансиз, панд-насиҳатларингиз хар доим қулоғим остида туради, дўстларимнинг ёмон ҳулқлари менга асло таъсир кўрсатмайди, ҳавотир олманг - деб чиқиб кетибди.
Шу аснода Луқмони Ҳаким боғдорчилик ишлари билан ўғлини ёрдамга чақирибди. Қараса ўғли бутун олмаларни алоҳида, кам сонли бўлсада қурт тушган олмаларни эса алоҳида саватга жойлаябди экан. Ҳаким ўғлига барча олмаларни бир савтга жойлайберишини тайинлаб ўз ишида давом этибди.
Вақт ўтибди, зарур бўлганда олмалар қўйилган жойга бориб қарашса барча олмаларга қурт тушиб бутуни кам қолган экан.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасга эътироз билдириб:
- Отажон, олмаларни қўшиб теришимни буюриб эдингиз, қурт тушган бир икки олмани деб бутун олмаларнинг ҳаммасини қуртга ем қилибмизку - дебди.
Ота эса бир жилмайиб қўйиб:
- Кўрдингми болам, гарчи соғ-бутун олмалар қуртлаганларидан кўра кўпроқни ташкил қилган бўлсада қолганларини ҳам бузибди, уларга ҳам қурт тушурибди. Сен қандай қилиб қалбига қурт тушган улфатларинг билан бир жойда кўп вақтга қоласану улар орасидан соғлом қалб билан қайта оласан - деб айтган экан...!
“Мухаммад Соли Хожи” жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  27 Iyun 2018, 17:16:00

ВАТАНГА МУҲАББАТ ИНСОН УЧУН САОДАТ.
Одам болаларига берилган энг буюк фазилатлардан бири бу ватанга бўлган муҳаббатдир. Шундай экан, Ватанни қадрига етишлик, туфроғини саждагоҳ каби муқаддас билиб, кўз қорачиғидай асраш ва ардоқлашлик ҳар бир инсон учун одамий фазилатларидандир.
Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она - ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган ана шу жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли ва қадри бебаҳо даргохга айланади. Гиёҳ ўсмайдиган саҳрода туғилган инсон учун ўша саҳро ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган қутлуғ жой саналади. Тоғу тошда туғилган инсон учун ҳам ўша тоғу тош, киндик қони тўкилган жойдан азизу мукаррамроқ жой бўлмайди. Хатто инсон саёхат учун дунёни энг гщзал масканларга борса хам ёки муборак ҳаж ибодатини адо этгани борса хам албатта ўзи туғилиб ўсган жойни қумсайди.
Тарихда яшаб ўтган инсонлардан Жоҳиз ўзининг “Ватан соғинчи” рисоласида шундай дейди: “Араблар сафар қилсалар ўзлари билан Ватанларининг тупроғини, қум бўлсин, чанг бўлсин ҳидини ҳидлашлари учун олиб кетардилар ”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим” - деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.
Ота-боболаримиз, улуғ аждодларимиз ва алломаларимиз ҳам ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарибиялашга алоҳида эътибор бериб, ўз юртларига муҳаббатни ифода этиш борасида ажойиб намуналар кўрсатишган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад ал Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Абулайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк мутафаккирларимиз ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт билан боғлаганлари, уларнинг номини дунёга маълум ва машҳур қилганликлари ҳам бир ибратдир. Уларнинг ватанига бўлган мухаббатларини умрларини сўнги вақтларини ўзи туғилиб ўсган она ватанида бўлишини хохлаганликларидан билиб оламиз.
Бобур Мирзонинг вафотлари яқин қолганда. Шундай васият қилдилар. “Мен вафот этганимдан кейин мени қабримни Ватанимга яқин бўлган бирор тоққа кўмиинглар, чунки Она юртимнинг шамоли ҳеч бўлмаганда қабримнинг устидан эсиб турсин ва яна иложи борича Андижондан бир сиқим тупроқ олиб келинг-да, қабрим узра сепинг, тоинки Ватаним тупроғи кўзимга тўтиё бўлсин”. Мана шу васиятга кўра у кишининг навераларидан бири Агра шаҳридан Қобул адирларининг бирига олиб келиб кўмади.
Халқимиз томонидан: "Ватанни севмоқ имондандир" деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Бугунлик кунда хар бир ота - она ва мураббийлар ёш авлод қалбида ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришлари зарур. Зеро ватанига мухаббати бўлмаган миллатнинг келажаги йўқ.
“Мухаммад Соли Хожи” жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.


Qayd etilgan


okahon.8800  27 Iyun 2018, 17:16:55

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА БЕФАРҚ БУЛМАНГ.
Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни хар жихатдан етук илм – марифатли одоб ахлоқли ватанга мухаббатли, юртга садоқатли этиб тарбия қилиш хар бир ота - она ва мураббийлар учун бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшашдан иборат бўлиши даркор.
Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор.
Шунингдек бўлажак ота она Аллоҳ таолодан доимо фарзандини хаққига дуода бўлишлигини керак. Аллоҳ таоло Қурони каримда фарзанднинг ота-она учун чексиз бахт-саодат манбаси, кўз қувончи ва дил сурури эканини баён қилади: “Парвар¬дигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга¬ кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пеш¬во қилгин!” (Фурқон сураси 74 оят).
Охиризамон пайғамбари пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) ўз хадиси шарифларида:“Болангизга одоб бермоғингиз ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб турганиздан афзал” – дедилар.
Фарзандга одоб бериш уни яхшилаб тарбия қилиш молу-дунё сарфлаб садақа қилишдан афзал иш экан. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ота-она фарзандига гўзал одобу-ахлоқдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” – дедилар.
Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Фарзанд ота-она ҳузуридаги омонатдир. Унинг покиза қалби нафис гавҳардир. Агар унга яxшилик ўргатилса, яxшилик узра вояга этади, дунё ва оxиратда баxтиёр бўлади. Агар ёмонлик ўргатилса ёки бепарволик қилинса, баxтсиз бўлади ва ҳалок бўлади. Уни асраш эса, унга одоб бериш, кераксиз нарсалардан сақлаш ва гўзал аxлоқ ила тарбия қилиш билан бўлади”.
Фарзандга рисоладагидай тарбия бериш ғоят масъулиятли, мураккаб жараёндир. Чунки ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчларидан шундайлари бор, маълум бир вақтда бирор ишни қилиш билан ёки мол-мулк сарфлаш билан у оxирига этади. Аммо тарбия энг масъулиятли ва энг узоқ давом этадиган бурч ҳисобланади. Ота-онанинг фарзанд неъматига бўлган амалий шукронаси ҳам ушбу бурчни шараф ва сабр билан адо этишлари туфайли юзага чиқади.
Ривоят қилишларича халифа Хорун ар-Рашид халx xаётини ўрганиш учун фақирона кийиниб, мол бозорини айланиб юрса, бир қассоб бир қўйнинг баxосини сўрабди. Сотувчи “20 танга”, деганини эшитиб, қассоб “қўйингизнинг 14 кило гўшти 4,5 кило ёғи бор. Унинг нарxи 15 танга холос”, дебди ва қўйни олмай кетибди. Халифа навкарларидан бирига қўйни сотиб олишни, иккинчисига қассоб ортидан боришни буюрибди.
Бозордан қайтгач, ўша қўйни сўйишибди ва қассоб айтганидек, 14 кило гўшт ва 4,5 кило ёғ чиққанини кўришибди. Қассобни топиб келишибди ва унга яна икки қўчқорни кўрсатиб, қанча гўшт ва ёғ борлигини сўрашибди. Қўчқорлар сўйилганидан сўнг қассоб айтган ёғ-гўшт чиқибди. Халифа қойил қолибди ҳамда ундан дунёвий ва ухравий илмлардан сўрабди. Афсус, қассобнинг калласи бу соҳада бўш эди. Шунда халифа дебди.
— Эй қассобзода! Наҳот ҳаётни фақат қассобчиликда деб тушунсанг? Қани сенда ватанга муҳаббат, халқингга муҳаббат? Наҳот ҳалол ва ҳаромнинг фарқига етмасанг!
Ҳалифа жар чақиртириб, эълон қилибди:
— Ушбу қассоб шунча зеҳни, шунча илми бўла туриб, ё дунёвий, ё ухравий илм олмагани, ҳалол-ҳаром фарқига бормагани учун бошқаларга ибрат бўлсин деб, келгуси жума куни уни остираман.
Ҳамма бу ҳукмдан рози бўлиб, унинг одиллигини тан олишибди.
Эртаси куни халифа қабулига икки ёш йигитча кириб келибди. Халифа уларнинг хулқу-ахлоқини кўриб «фарзандинг бўлса, шундай бўлсин», деб қўйибди. Йигитлар халифадан гапиришга изн сўрашибди ва рухсатдан сўнг дейишибди:
— Эй шаҳаншоҳ! Аввало бизнинг бир қошиқ қонимиздан кечинг. Биз ўлимга ҳукм қилинган қассобнинг ўғилларимиз. Отамиздан сўралган саволларни биздан сўрасангиз.
Халифа болаларни-узоқ саволга тутиб, улардаги илм, етукликни сезиб, кучлироқ олим кишиларни чорлаб, илм мажлиси ўтказиб, болаларнинг зеҳни ва илмига қойил қолибди ва дебди.
— Сизларга тасанно, лекин отангизга чиқарилган ҳукм ҳаммага маъқул келган ва кўпчиликка ибратдир.
Шунда қассобнинг катта ўғли:
— Эй муҳтарам жамоа! Бола — лой, ота ва она — кулол эмасми? Бола онадан ўғри, қотил ёки алдоқчи бўлиб туғилмайди-ку. Уни тарбияловчи ота-она ва ташқи муҳитдир. Отамизга чиқарган ҳукмни отамизга эмас, унинг отасига чиқариш керак эди. Отамиз ўзи илмсиз бўлса ҳам, бизни шунчалик илмли, маърифатли бўлишимизга шароит яратди. Отамиз таҳсинга лойиқдир, — деди.
Халифа узоқ сукут сақлади ва деди:
“Эй вазир! Сен энди истеъфога чиқ. Шу бола менга вазир бўлсин. Эй жаллод! Қассобни олиб кел, устига зарбоп тўн ёп, бу элга ибрат бўлсин. Чунки бизнинг келажагимиз — фарзандларимиз. Бола тарбиялашдаги олийжаноблиги учун қассоб шунга лойиқдир. Қассобнинг отаси тирик бўлса, олиб келинг, ўлган бўлса, гўри устига ўттиз дарра уринг. Чунки шу қассоб ҳам ёшлигида ўта истеъдодли бўлган. Отаси эса унга қассобчиликдан бошқа нарсани ўргатмаган” – деган экан.
“Муҳаммад Соли Хожи” жоме масжиди ноиби имоми Ж. Парпиев.


Qayd etilgan