БОЯЗИД БИСТОМИЙ
Боязид Бистомий Эроннинг Бистом шаҳридан туғилган йили аниқ эмас, 875 йилда вафот этган — форс суфийлик оқимининг асосчиларидан бири. Тайфурия суфийлик тариқатининг пири. Унинг бобоси исломни қабул қилган зардуштийлардан бўлган, бутун умрини асосан Бистомда ўтказган. Вафотидан кейин уни Султон ал-орифин лақаби билан атай бошлаганлар. (Википедия)
Боязид хафа ҳолда ўлтирган эди, буни кўриб бир муриди унинг хафачилигининг сабабини сўради.
«Эй (доим) осмони фалакнинг устида юрган, Арш фазосига ҳам қадами етган устоз! Кўнглинг қандай бир ишдан бу қадар эзилмоқда? Бундай қийналишингга нима сабаб бўлди?»
Пир кўзидан ёш тўкиб, ҳатто ўтли бир оҳ тортиб, деди:
«Бу шундай ғамки, мени адо қилди. Бу ғала-ғовур билан тўла дунёда одамлар кўп-у, аммо ҳеч ким йўқдек. Ҳар кишининг кўзига ўзининг иши яхши кўриниб, бошқа бир одамни йўқлаган ҳақиқий бир инсон йўқ! Бу атрофда бундай киши борлигини аниқ билмайман. Бўлса ҳам, дунёдан ўтиб кетган кишилар орасида бўлиши мумкин”.
Бу жавобдан савол берган изтироб чекиб, яна деди:
«Эй Қуёшдек олижаноб зот! Эл орасида бундай одам йўқ деяр экансан, ўшандай кишилар доирасига ўзинг мансуб эмасмисан?»
Шайх жавоб берди:
«Эй иши гумроҳлик бўлган, ишларнинг сирларидан ҳам огоҳлиги бўлмаган инсон! Мен ўзим ҳам ўзимга ўхшаган юз минг сарсон-саргашта юрган, кўзининг ёшлари бағрининг қони билан қоришиб кетганлардан мен. Кимки имон билан кетмаса, билгилки, бундайларни одам дейиш мумкин эмас. Оламда қанчадан-қанча катта ва кичик менга ўхшаган, сенга ўхшаган ҳар хил одамлар бўлиб, ҳаммамиз шундай ташвиш тиғидан жароҳатда, барчамиз шундай мотамга гирифтормиз.
Кимнинг ичи бундай ғуссадан қон бўлмаган? Бу гапнинг маъноси кимга аён эмас?
Бирон киши жони билан видолашар экан, унинг имони бўлмаса, демак, унинг ҳамроҳи ҳам йўқ. Қачонки жаҳон аҳлининг барчасида аҳвол шундай экан - буёғида саволга ўрин йўқ».
Савол берган мурид бундай дурга ўхшаш маъноли гапларни қулоғи билан эшитар экан, оғзи садаф оғзидек хомуш бўлганича қолди.
Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан
(
http://ziyouz.uz/old/hikmatlar/ibratli-hikoyatlar/2014-01-21-14-58-50)
Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳо) ҳазратларидан сўрадилар:
“Шайxингиз ким?” Айтди:
“Бир xотиндир”. “Не важҳ ила?” – дедилар.
“Бир куни важд ва тавҳид шавқи билан саҳрода кетар эдим. Бир xотинга дуч келдим. Бир қоп уни бор эди. “Шуни элтгин”, деди. “Менинг кучим етмас”, деб бир арслонга ишорат қилдим, қопни унга юкладим.
Аммо кароматим изҳоридан қўрқиб, xотинга дедимки: “Бозорга етгач, кимни кўрдим дейсан?” “Золим ва раъно (ўзига бино қўйган) Боязидни кўрдим”, дегайман”. “Нега?” дедим. “Бу арслонни Аллоҳ юк учун яратдими? Нега унга юк юклатурсан? Сен истайсанки, шаҳар xалқи сенинг арслонга юк ортганингни кўрсинлару, сени соҳиби каромат десинлар, шундайми? Эй Боязид! Бу ишинг золимлик ва ўзига бино қўйишлик эмасми?” “Оре, золимлик ва ўзига бино қўйишлик”, деб йиғладим. Тавба қилдим”. (зиёуз.сом)
Йўлдошев Сарварбек. Асака т. "Мирзо Шариф" масжиди имом хатиби