Одоб ва ахлоқ  ( 98184 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 ... 17 B


Orifjon Hanafiy  12 Avgust 2015, 14:35:59

ШАРҚОНА ОДОБ АХЛОҚ
   Халқимиз қадимдан ахлоқ ва одобда бутун оламга ўрнак ва намуна бўлиб келган. Ота боболаримиз бизларга омонат қилиб қолдирган бу юксак маънавий меросимизни биз ҳам келажак авлодга покиза ҳолда қолдириш учун масъуллигимизни унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда бизларни келажак авлод кечирмагай.
   Ана шу ниятда ахлоқ ва одобга оид гуруҳ очишга азм қилдим. Керак бўлса масжидларимиз ходимларининг фикрларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқчимиз. Шоядки ёшларимизнинг хулқига ижобий таъсир кўрсата олсак. Бунинг учун эса, менимча, аввало ўзимиз ибрат бўлишимиз керак.

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  12 Avgust 2015, 14:37:24

ОДОБ ҲАҚИДА
Айтиш мумкинки, инсонларни бошқа ҳайвонлардан ажратиб тургувчи хислатларидан бири одобдир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи “Адабул муфрад” китобларида одобнинг таърифида шундай деганлар: “Одоб барча яхши ва эзгу хислатларни ўз ичига олади. "Адаб" - чақирмоқ маъносида бўлиб, кишиларни яхшиликка чақиргани, ёмонликдан қайтаргани учун шу хислат "одоб", деб аталган” .
Яна ўша китобда Валид ибн Нумайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича ўтмиш кишилар болаларнинг солиҳ бўлишлари Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади, аммо уларга одоб ўргатиш оталари вазифасидир, деганлар.
Ризоуддин ибн Фахруддин “Аҳли аёл” китобида ёзади: “Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билинур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўътабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадур. Шунинг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак.
Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Аҳлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас.
Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади”.
Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорий бир киши олдидан ўтаётгандилар, у ансорий биродарига уялишдан қайтариб насиҳат қилиб турган эди. (яъни жуда қаттиқ ҳаёли бўлма! Ўзингга қийин бўлади, дeб). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир”, дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари) (“Риёзус солиҳин”)
   Умaр ибн Xaттоб (розияллоҳу aнҳу): "Aввaл одоб, сўнг тaълим беринглaр", дедилaр.
Aбу Aбдуллоҳ Бaлxий: "Нaфснинг одоби илмнинг одобидaн кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидaн кaттaроқ", дегaнлaр.
Aбдуллоҳ ибн Муборaк aйтaдилaр: "Aгaр менгa, бир кишидa aввaлгилaру оxиргилaрнинг илми бор, деб сифaтлaшсa-ю, ундa одоб бўлмaсa, у билaн учрaшмaгaнимгa aфсуслaнмaймaн, aгaр бир киши ҳaқидa нaфс одоби бор деб эшитсaм, унгa йўлиқишни орзу қилaмaн, учрaшмaсaм aфсуслaнaмaн". (“Бўстонул орифин”. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)

   Ҳусанбой Сотволдиев. Мулла Райимжон масжиди имоми
   Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  12 Avgust 2015, 14:38:28

ОДОБЛИ БЎЛИНГ
Одоб кишининг зийнати. Одобли инсон хор бўлмагай. Одоб кишининг кўплаб камчиликларини тўсиб қўйгай. Ва, аксинча беодоблик барча камчиликларнинг бошидир.
Ҳар кимсанингким, хулқи хуш, толеъи хуш эса
Ҳар жойда, ҳар маконда унга эътибор бўлур.
(Оразий)
Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл,
Қўлга санчилма тикондек, балки беозор бўл.
Кекса ҳам ҳурматлагай одобли бўлган ёшни
(Чустий)
Умaр ибн Xaттoб разияллoҳу aнҳу: "Aввaл oдoб, сўнг тaълим бeринглaр", дeдилaр.
Aбу Aбдуллoҳ Бaлxий: "Нaфснинг oдoби илмнинг oдoбидaн кўпрoқ, илмнинг oдoби илмнинг ўзидaн кaттaрoқ", дeгaнлaр. (Бўстoнул oрифин. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, дeдилар. Имом Тeрмизий ривояти. (Риёзус солиҳин. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий)
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Одоби йўқ кишининг илми йўқдур.
Сабри йўқ кишининг дини йўқдур.
Тақвоси йўқ кишининг Аллоҳга яқинлиги йўқ».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тўрт нарсанинг онаси қуйидагилар:
1. Давонинг онаси - оз емоқликда;
2. Одобнинг онаси - оз гапирмоқликда;
3. Ибодатнинг онаси - гуноҳларни камайтирмоқликда;
4. Орзуларнинг онаси - сабр қилмоқликда”.
(Мунаббиҳот. Шайx Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний)


Муроджон Сиддиқов. Шаҳрихон туманидаги Ҳалимқори масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини. Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  12 Avgust 2015, 14:39:17

МЕҲМОН КУТИШ ОДОБЛАРИ
   Меҳмондўстлик қонимизга сингиб кетган фазилат. Шунинг учун кўчамиздан бирор таниш ўтиб қолса, ёки кўча-кўйда бирор танишни учратиб қолсак, ҳатто телефонда гаплашсак ҳам меҳмонга таклиф қилиш одатимиз бор. Шунчалик тантилигимиздан баъзи пайтларда уйимизда шароит бўлмаса ҳам меҳмон етаклаб кирадиган ҳолатимиз бўлиб қолади. Бу эса гоҳида ўзимизни ҳам, оила аъзоларимизни ҳам, меҳмонни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўяди. Шунинг учун уйда иложи борича шароит қилиб қўйиш керак.
   Меҳмон кутувчи инсоннинг ҳам ўз вазифалари ва меҳмон кутиш одоблари бор. Ушбулар шулар жумласидандур ва унга иложи борича амала қилинг:
- Меҳмонга чақирганда шахсан телефонда ва учрашиб айтилади. Меҳмонни кимдир орқали чорлаш беписандлик ва таклиф этилган инсонга нисбатан ҳурматсизлик. Меҳмонга меҳмондорчиликдан бир неча кун олдин айтиб қўйиш керак.
- Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, ҳожатини айтишига имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни хижолатга қўймай, сўраганини беришга ёки илтимосини бажаришга ҳаракат қилинг.
- Пайсалга солмай дастурхон тузанг ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортинг.
- Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламанг, меҳмондорчиликни овқат пишириш беллашувига айлантирманг.
- Меҳмонлар билан бирга уларга малол келадиган кишини ўтқазиш дуруст эмас, чунки малоллик иштаҳани бўғади. Агар улар овқатланиб бўлсалар ва ижозат сўрасалар, уларни узоқ ушлаб туриш  дуруст эмас, чунки бу уларга оғир келади.
- Меҳмонларнинг олдида сукутни кўпайтирманг, одамовилик бўлади. Уларни ёлғиз қолдирманг, уларнинг олдида хизматкорга ғазаб қилманг, чунки меҳмонларга кўрсатиладиган энг яхши ҳурмат очиқ юз ва чиройли сўздир.
- Хонадонингизда уй ҳайвонлари бўлса, уларни меҳмонлардан узоқроқ тутинг. Чунки ҳаммага ҳам уй хайвонлари бирдек ёқавермайди.
- Меҳмон кутишга тайёргарлик кўраётганда, хоналарнинг озодалигига алоҳида эътибор беринг. Жумладан, ваннага тоза сочиқ, тароқ қўйинг. Бошқа майда-чуйдаларгача қараб чиқинг.
- Меҳмонлар белгиланган вақтдан эрта келиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, ярим соатлар олдин чиройли кийиниб, уларни кутишга тайёр бўлиб туринг.
- Намоз вақтини билдириб қўйинг ва намоз вақти кириб қолса, таҳорат учун шароит тайёрлаб қўйинг. (Интернет маълумотлари асосида тайёрланди)

Исомиддин Сайфуллаев. Имом Муҳаммад жомеъ масжиди имом хатиби
Жўрабек Раҳматиллаев. Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  19 Avgust 2015, 22:00:11

БИРВОНИНГ АЙБИ
   Одамлар орасида кенг тарқалган иллатларнинг бири - бировнинг айбини очишлик. Аслида инсон аввало ўзини ислоҳ қилиши керак. Биз эса гўёки ўзимиз фаришта каби бегуноҳдек ўзимизнинг айбларимиз тўлиб-тошиб ётса-да, тинмай ўзгаларнинг айбларини қидирамиз. Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи атганларидек: ”Бошқаларнинг айблари билан шуғулланасизлару, ўзларингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз”.
   Энг ачинарлиси шуки, бировнинг очиқ ва зоҳир камчилигинигина эмас, балки қилган-қилмаганлиги аниқ бўлмаган мавҳум гап-сўзларни тарқатиш авж олиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
   “Гумондан сақланинг, чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидур. Тимирскиламанглар, жосуслик қилманглар, ҳасад қилманг, бир-бирларингизга тескарилашманглар, бир-бирларингизни ёмон кўрманглар! Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинглар!” деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан имом Бухорий ривояти)
   Уқба разияллоҳу анҳунинг котиби Духайн айтади:
   “Уқбага:
-   Бизнинг қўшнилармиз бор. Хамр ичишади. Мен миршабларни чақираман, улар тутиб кетишади, - дедим. У:
-   Ундай қилма! Лекин насиҳат қил ва охират азобидан қўрқит.
Мен унинг айтганини қилдим. Аммо улар тийилмади.
-   Мен уларни қайтарсам, қайтишмаяпти. Мен миршабларни чақираман, улар тутиб кетишади, - дедим. У яна:
-   Ундай қилма! Лекин насиҳат қил ва охират азобидан қўрқит.
Бу ҳолат яна такрорланди. Шунда Уқба:
-   Шўринг қурғур, ундай қилма! Чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мўминнинг айбини беркитса, гўёки тирилайин кўмилган қизчани тирилтиргани каби бўлур” деганларини эшитганман, - деди”. (Абу Довуд ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари)
Албатта, бу дегани ҳар ким хоҳлаганини қилсин дегани эмас, эътибор қилган бўлсак уларга насиҳат қилишга буюряпти. Қолаверса Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Биз жосуслик (бировларнинг айбини қидириш)дан қайтарилганмиз. Лекин бирор нарса зоҳир бўлса, уни ушлаймиз” деган. Бу ерда асосий ғоя бировларнинг зоҳир бўлмаган айбларини ковлаштирмаслик. Зеро мазкур ҳадисда ақл эгалар учун етарли ибрат бор.

Мирзо Шариф масжиди имом хатиби Йўлдошев Сарварбек
Сиддиқ ҳожи жомеъ масжиди имом хатибининг ноиби Солихонов Ҳусанбой
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  21 Oktyabr 2015, 16:50:23

МЕҲМОНДЎСТЛИК
   Ўзбек халқи азалдан саҳоватли ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёга машҳурлиги ҳеч кимга сир эмас, балки исбот талаб қилишга ҳожат бўлмаган айни ҳақиқат. Ҳозирги кунга қадар ҳам Ўзбек деса меҳмондўст, кўнгли очиқ инсонлар кўз олдида намоён бўлади. Бекорга айтишмаган “эрталабда бепул овқат тарқатадиган халқ” деб.
Халқимиз жўмардлик қилар экан одамлардан қилган яхшиликлари эвазига тамаъ ҳам қилмайди, балки ажру савобини Охиратдан умид қилади. Яхшиликни фақатгина Холиқ таоло учун қилар экан, “майли бандасидан қайтмаса Худодан қайтсин, бандаси билмаса ҳам Худо билса бўлди”, − деб қўйишади. Чунки халқимиз хайру-эҳсоннинг савоби қанчалик улуғ эканлигини яхши англайдилар.
Дарҳақиқат, Қурони карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида бу тўғрида кўплаб кўрсатмаларни учратиш мумкин.
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Бандалар тонг оттиргувчи кун борки, икки фаришта тушади. Уларнинг бири “Эй Аллоҳим, нафақа қилгувчига (нафақасининг) ўрнини босгувчини бергин”,− деб туради. Иккинчиси эса “Эй Аллоҳим, ушлаб қолганга талофат бер” ,− деб туради. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Оиша разияллоҳу анҳо рўзадор эди. Ҳузурига бир мискин тиланчилик қилиб келиб қолди. Уйида бир дона нондан бошқа егулик йўқ эди. Жориясига айтди:
-   Унга ўша нонни бериб юбор!
-   Сизга ифторлик қилишга ундан бошқа нарса йўқ-ку? – эътироз билдирди жория.
-   Унга ўшани бериб юборавер! – деди.
Жория нонни бериб юборди. Кечки пайт қўй гўшти билан буғдой уни аралашган гўштли нонга ўхшаш арабларнинг “кафануш-шоти” егулигини ҳадя қилишди. Оиша онамиз жориясига айтдилар:
-   Мана энди бундан егин! Бу сенга обинонингдан кўра яхшироқ-ку!

Исомиддин Сайфуллаев. Имом Муҳаммад жомеъ масжиди имом хатиби.
   Муҳаммаджон Жабборов. Пастки Қурама жомеъ масжиди мутаваллиси.
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  04 Noyabr 2015, 19:51:08

Ҳикматлардан термалар
   Сенда мўминнинг уч насибаси бўлсин - манфаат бермадингми, зарар ҳам қилма! Хурсанд қилмадингми, ғамга ҳам солма! Мақтамадингми, ёмонламагин ҳам!
***
   Бир одам хотинини талоқ қилмоқчи бўлди. Шунда ундан: “Сенга хотинингни нимаси ёқмади?” деб сўрашди. У: “Оқил инсон хотинининг айбларини ошкор қилиб ҳаммага айтмайди” деб жавоб берди. Талоқ қилганидан кейин яна сўрашди: “Нега уни талоқ қилдинг?” “Нега энди мен ўзимга бегона бўлган аёл ҳақида гапиришим керак?!” жавоб берди у”.
***
   Бир бола денгиз бўйида оёқ кийимини тушириб юбориб топа олмади. У соҳилдаги қумга "Бу денгиз - ўғри", деб ёзиб қўйди.
Бир балиқчи ўша денгизга тўр ташлаб, анчагина балиқ тутди. У қумликка "Бу денгиз - саҳий" деб ёзиб қўйди.
Бир ёш йигит шу денгизда чўкиб кетди. Онаси соҳилга "Бу денгиз - қотил!", деб ёзиб қўйди.
Бир кекса одам айнан шу денгиздан қимматбаҳо дур топиб олди. У "Бу денгиз - олийжаноб", деб ёзиб қўйди.
Охири қирғоққа баланд тўлқин келиб урилган эди, барча ёзувлар ўчиб кетди. Шунда денгиздан нидо чиқди: "Денгиз бўлишни истасанг, одамларнинг гапига эътибор берма".
***
Солиҳ салафлардан бири шогирдига: “Агар шайтон сени гуноҳга васваса қилиб қолса, нима қиласан?”, деб савол берди. Шогирд: “Унга қарши курашаман”, деди.
Устоз яна савол беришда давом этди: “Яна қайта васаваса қилсачи?”
“Яна курашаман”
 “Яна қайта васаваса қилсачи?”
 “Яна курашаман”
 “Айтчи, агар қўйлар тўдасининг олдидан ўтаётганингда уларнинг ити сенга қараб вовуллаб, сени ўтиб кетишга қўймаса, нима қиласан?”
 “Унга қарши бор кучимни сарфлайман”
Шунда устоз насиҳат қилди: “Бу жуда чўзилиб кетади. Ундан кўра қўйларнинг эгасини ёрдамга чақирсанг, итни сендан тўхтатиб олади. Истиозанинг фойдаси мана шудир”, деди.
***

Хайитбоев Бахтиёржон. Мулла Абдулазиз ота жомеъ масжиди имом хатиби
Қўчқоров Маъруфжон. Мулла Райимжон масжиди мутаваллиси
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  12 Noyabr 2015, 09:28:19

Ҳазрат Умар
   Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида улуснинг аҳволини ўрганиш учун кечалари оддийгина кийимида айланиб юрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида наматдан тикланган қора уй олдида бир эркак безовта бўлиб ўтиргани эътиборини тортиб қолди.  Унга яқинроқ борган эди, ичкаридан аёл кишининг инграган овози ҳам эшитилиб қолди. Кишидан безовталигининг сабабини сўраганида у анча қўрслик қилди ва сабабини айтишни хоҳламади. Қайта-қайта сўрайвергач истамайгина жавоб берди:
-   Хотиним тўлғоқ тутиб ётибди.
-   Ёнида бирор кимса борми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Йўқ. Ҳеч ким йўқ, - жавоб берди киши.
   Умар разияллоҳу анҳу индамасдан уйига борди ва хотини – Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг қизи Умму Гулсумдан сўради:
-   Аллоҳ учун савоб иш қилурмисан?
-   Қандай иш экан у?
-   Бир аёл тўлғоқ тутиб ётибди. Ёнида ёрдам бергани ҳеч ким йўқ экан.
-   Майли, агар Сиз шуни хоҳласангиз.
-   Ўзинг билан керакли нарсаларни ол. Менга қозон келтир. Яна мой билан арпа уни ҳам олиб кел.
Умму Гулсум разияллоҳу анҳо барча айтилган нарсаларни тайёрлади. Халифа ўзи қозонни кўтариб олиб йўлга тушишди. Етиб борганларидан сўнг Умму Гулум ичкарига кириб кетди. Ҳазрат Умар хонадон соҳибидан олов сўради. Соҳиб олиб келди. Умар разияллоҳу анҳу ўзи оловни пуфлаб туташтирди. Ҳатто соқолига олов таъсир қилди. Ниҳоят онанинг кўзи ёриб, чақалоқ туғилди. Умму Гулсум ичкаридан бош чиқариб хабар берди:
-   Эй мўминларнинг амири, отасига хушхабар беринг, ўғил экан!
“Мўминларнинг амири” деган сўзни эшитиб, ҳалиги киши қўрқиб кетганидан хижолат бўлиб, ташвишга тушиб қолди:
-   Вой шармандалик! Сиз халифа Умармидингиз? Шундай ҳам қиласизми?
-   Эй араб биродарим! Кимки мусулмонларнинг ишларида бошчилик қилар экан, халойиқнинг каттаю-кичик ишларида кўмаклашиши зарур. Чунки у шунга масъулдир. Кимки ғафлатда бўлса, дунё ва охиратда хусронда қолгай! – деди Умар разияллоҳу анҳу уни тинчлантириб.

Абдулазиз Мўминов. Мамирқори жомеъ масжиди имом хатиби
Муҳаммадсобир Иминов. Ҳазрат Умар масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  19 Noyabr 2015, 07:38:46

Одам борки...
Одам борки, одамларнинг нақшидур,
      Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур.
                     (Алишер Навоий)
Инсонлар борки, том маънодаги инсоний фазилатлар соҳиби    бўлганликларидан фаришталардан авлороқ бўлур. Инсонлар борки инсоний фазилатлардан мосуво бўлиб, ҳайвонлардан ҳам тубанроқ булур. Уларнинг тубанлигини шу дунёдаёқ кўриб, эшитиб, ўқиб юрибмиз. Шунингдек улар охиратда ҳам ҳавонлардан тубанроқ даражаларда бўлур. Сабаби, ҳайвонлар қиёматда тупроққа айланиб кетиб, абадий азобдан қутилур, бироқ кофир кимсалар...Худо сақласин, аҳволи оғир бўлур...
Айтибдиларки, ўнта ҳайвон бошқа ҳайвонлар каби тупроққа қоришиб кетмас, балки жаннатга кирар экан. Улар ушбулардур:
1.   Солиҳ алайҳиссаломнинг туяси.
2.   Иброҳим алайҳиссаломнинг бузоғи.
3.   Исмоил алайҳиссаломнинг қўчқори.
4.   Мусо алайҳиссаломнинг сигири.
5.   Юнус алайҳиссаломнинг балиғи.
6.   Узайр алайҳиссаломнинг эшаги.
7.   Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси.
8.   Сулаймон алайҳиссаломнинг попишаги.
9.   Ғор соҳибларининг ити.
10.   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари. Валлоҳу аълам.
Юқорида зикри келган жонворлар бундай мақомни топишига сабаб нима, биласизми? Улар яхши инсонларга ҳамроҳ бўлганлар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда баён қилишича: “У кунда, ҳар киши (қўли) тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир “кошки тупроқ бўлиб кетсам”, –дейдир”.
Дебдиларки, бу сўзни кофирлар Аллоҳ таоло ҳайвонларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм қилиб, ҳатто шохсиз қўйнинг шохли қўйдан қасосини олиб бергач, барча ҳавонлар тупроққа айлантирилиб юборилганда айтар эканлар. Ўша пайтда улар ҳам кошки эди дунёда пайтимда мен ҳам шулар каби ҳайвон бўлганимдаю, бугун тупроққа айланиб кетган бўлур эдим, деб хоҳлаб қоларлар.

Сайдуллоҳ Исмоилов. Аҳмадали махдум жомеъ масжиди имом хатиби
Абдураззоқ Фармонов. Муҳидин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


Orifjon Hanafiy  17 Dekabr 2015, 12:29:05

Инсонлар билан ўзаро муроса қилиб яшаш одоблари
            Инсонлар жамиятда ўзаро аҳил бўлиб яшашлари, мана шу яшаш жараёнида уларни яратган Зотга бандалик қилиш билан бирга, бир-бирларининг ҳақларига риоя этмоқлари талаб этилади. Ислом дини келгунча кучлилар заифларни таҳқирлар, қабилалар бир-бирларига душман эдилар. Ислом дини уларни инсон ақлини ожиз қолдирадиган даражада бир-бирларига меҳр-муҳаббатли қилиб қўйди. Бу ҳақида Қуръони каримда баён қилинади:
Яъни: “Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли Имрон, 103).
Яъни Ислом неъмати туфайли биродарларга  айландингиз.
Халққа насиҳат қилиб, шафқат кўрсатиб бирга яшаш суннатдир. Инсонлар билан бирга яшаш Аллоҳга яқинликни кўзлаб қилинадиган нафл ибодатларга ажралиб чиқишдан афзалдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмонга туғишган ака-укаси кабидир. Унга ёлғон гапирмайди, хиёнат қилмайди, қаровсиз қолдирмайди (ташлаб қўймайди). Ҳар бир мусулмонни мусулмонга обрўси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво бу ердадир. (кўкракларига ишора қилдилар). Киши томонидан содир этиладиган ёмонликлардан бири мусулмон дўстини таҳқирламоқлигидир” (Имом Термизий ривояти). 
Инсонларга  аралашиб яшашнинг ҳақлари қуйидагилар:
1.Халойиқ билан зоҳирида ва амалида бирга бўлади, қалби ва динида бирга бўлмайди. Али бин ад-Даққоқ айтадилар: ”Инсонлар кияётган нарсаларини кий, улар еяётган нарсалардан е, лекин ботинингда улардан ажрал”. Айтилишича, ориф инсон коин-боиндир. Унинг коинлиги-халқ билан бирга бўлиши бўлса, боинлиги ботинида улардан ажралганидир.
2.Ўзи учун яхши кўрган нарсаларни улар учун ҳам яхши кўради.
Чунки пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Сизлардан бирингиз ўзи яхши кўрган нарсасини дўстига яхши кўрмагунча ҳақиқий мўъмин бўла олмайди”-дедилар (Имом Бухорий ривояти).
3.Барча ишларда яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ила уларга насиҳат қилади, чунки насиҳат қилмоқ  диннинг  устуни ҳисобланади.
Тамим ад-Доримий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Албатта дин насиҳатдир.(деб уч мартта айтдилар). (Имом Термизий, имом Насаий, ибни Можа ривоятлари).
4.Инсонларга етган азиятни кетказади. Улар билан бир-бирларига мавъиза ва зажр қилишга келишиб оладилар. Уларга раҳм-шафқат билан муомалада бўлади. Бирор кишини ўзи ёмон кўрадиган сўзи билан зикр қилмайди, чунки ҳар бир кишига фаришта вакил қилинган бўлиб, дўстига айтган сўзини ўзига қайтаради. Бирор кишини ёмон бўлганидан хурсанд бўлмайди. Инсонларнинг яхшиси-ю, ёмонига, аҳилу-ноаҳилига яхши муносабатда бўлади.
Нўъмон бин Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Мўъминлар  бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишда, меҳр-мухаббатли бўлишда ва ўзаро бир-бирларига ёрдам беришда бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзо касалланса, бошқаси унга иситма ва бедорлик билан ёрдам беради”(Бухорий ривояти)
5.Инсонлар тарафидан етган азиятни кўтаради ва кечиримли бўлади.
Бунга  Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг азиятларига сабр қилганлари яққол далил бўлади.Чунки Аллоҳ таоло кечиргувчи Зотдир ва кечиримлиларни севади.
6.Аллоҳ унга берган неъматларига шукр қилиб, инсонларнинг ҳожатларини чиқаради.Уларнинг ишларига ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Али розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: ”Албатта жаннат мўъмин биродарини ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилаётган кишига муштоқ бўлиб туради”-дедилар (Муслим ривояти).
7.Жабрланувчини жиноятчидан ҳимоя қилади. Икки урушганнинг орасини ислоҳ қилади. Чунки ислоҳ қилиш-садақанинг афзалидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
“Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!” (Оли Имрон, 103)
Абдураҳмон бин Авф оналари Умму Гулсум бинти Уқбадан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши гапларни гапириб ҳамда ташиб (чақимчилик қилиб) инсонларни орасини ислоҳ қилган инсон ёлғончи эмас”-дедилар.
7.Ёмонлик қилганга яхшилик қилади, алоқани узган киши билан алоқани тиклайди, бермаган кишига беради, чиройли гумон қилади, чунки ёмон гумон ёлғончига чиқаради.
Яхшиликка уламолар қуйидагича таъриф берганлар:
-Суфён Саврий роҳматуллоҳу алайҳ:”Яхшилик-сенга ёмонлик қилган кишига яхшилик қилишинг, сенга яхшилик қилганга яхшилик қилишинг – тайёр(меҳнат қилмасдан топилган)пулга савдо қилинган товар каби”-дедилар.
-Ҳасан Басрий роҳматуллоҳу алайҳ: ”Яхшилик умумий бўлади, хос бўлмайди, худди қуёш, шамол, ёмғирдек” -дедилар.
Ёмон гумон ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келади: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир”(Ҳужурот, 12).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмон гумондан сақланинглар. Чунки ёмон гумон гапни ёлғонга чиқаради”-дедилар(Бухорий ривояти).
8.Аллоҳ таоло унга ато қилган нарсалари туфайли бирор кишига ҳасад қилмайди. У кишидан ўша неъматни кетишини орзу ҳам қилмайди ва бу неъматни кетказишга ҳийла ҳам қилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Ҳасаддан сақланинглар, чунки ҳасад олов ўтинни егани каби яхшиликларни ёйди (кетказади)”-дедилар(Байҳақий ривояти).
9.Ваъдани зудлик билан бажаради, чунки ваъда қарздир,  ваъдага хилоф қилиш эса мунофиқлик аломатларидандир. Бирор кишини айбини очмайди, балки яширади. Бирор кишини билиниб турган айби билан айбламайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуд. Шу билан бирга, инсон зоти ёлғизликни, барчадан четда бўлишни, одамларга қўшилмасликни ёқтирмаслиги ҳам табиий. Умуминсоний алоқалар давомида дин, ватан, касб ва бошқа сабабларга кўра  алоҳида алоқа ва муносабатлар шаклланиши ҳам доимий равишда бўлиб келаётган ишлардандир. Исломда бундай ижтимоий алоқалар одоби гўзал тарзда баён қилиб берилган.                   

   Абдулазиз Мўминов. Мамирқори жомеъ масжиди имом хатиби
   Зоҳидов Муҳаммадали. Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби ноиби

Qayd etilgan