ҒИЙБАТ
Аллоҳ таоло Қурони каримда бизларни ғийбат қилишдан қайтарган. Ҳатто ғийбат қилишлик ўша ғийбат қилинган кишининг ўлигининг гўштини ейишга мисол қилган:
“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”. (Ҳужурот. 12)
Ҳақиқатан жирканч манзара. Лекин негадир шуни билиб туриб ҳам ғийбатда бардавом бўлаверамиз. Бунга деярли омма гирифтор бўлган днсам ҳам муболаға бўлмагай. Шоядки, аввало ўзимизга, қолаверса оммага нафи етса деб шу ҳақдаги маълумотларни баҳам кўришни ирода қилдик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мурҳамат қиладилар:
“Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли, иффати ва номуси бошқа мусулмон учун ҳаромдир.
Ғийбатдан сақланинг! Ғийбат зинодан ҳам ёмондир. Зеро, киши зино қилиб, охири тавба қилса, Аллоҳ афв этиши мумкин. Ҳолбуки, ғийбат қилганни тўғридан-тўғри кечириши қийин. Фақат ғийбат қилинган киши кечиргандан кейингина афв этиши мумкин.
Дерларки, ғийбат қилган киши майдонга бир тўп қўйиб, ўнгу сўлни замбарак ўқидан совурган кимсага ўхшайди. Ғийбат қилганда, унинг қилган гўзал амаллари ўнгга-сўлга совурилган бўлади. Ким мусулмон биродарининг номига доғ тушириш мақсадида уни ғийбат билан қийнаса,қиёмат куни Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида турғизади. Қилган ғийбати қайтиб олинмагунча у ўша жойдадир.
Ғийбат биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир”.
Бу ҳадис кўп қамровлидир. Кишининг жисмоний камчилигини, зоти, хатти-ҳаракатлари, сўзи, диний ва дунёвий жиҳатлари, ҳатто либоси ва уловининг қусурини айтмоқ, уни кавлаштирмоқ демакдир. Дастлабки соф мусулмонларнинг баъзи бирлари биров тўғрисида «Кийими қисқа ё кийими узун!» тарзида айтилган сўзни ҳам ғийбат деб ҳисоблаганлар. Шундай бўлгач, нега энди кишини хафа қиладиган сўз айтилганда, бу ғийбат бўлмасин?!
Бир кун пакана бир хотин баъзи бир масалаларни сўрамоқчи бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқлаб келади. Билолмай қийналиб юрган нарсаларини билиб олиб, чиқиб кетгандан кейин Ойша разияллоҳу анҳо:
— Мунча ҳам пакана хотин экан! — деб қолади. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Ғийбат қилдинг, эй Ойша! — дедилар.
Ғийбатдан сақланинг! Чунки унда уч офат бор:
1. Ғийбатчининг дуоси қабул қилинмайди.
2. Қилган хайрли ишлари қабул этилмайди.
3. Ғиибатчининг устида гуноҳлар бирлашади.
Ҳикоя қиладилар:
— Абуллайс Бухорий ҳажга кетаётганда чўнтагига иккита пулни ғамлаб олади ва ўзига-ўзи шундай шарт қўяди:
— Агар Маккага кетаётганимда ёки у ердан келаётганимда бировни ғийбат қилсам, шу икки пулни садақа қиламан.
— Маккага бориб келади, лекин икки пули чўнтагида қолади. Сўраганларга шу жавобни беради:
— Юз марта зино қилганимдан бир марта ғийбат қилганимнинг гуноҳи ёмонроқдир!
Ғийбат қилган кишининг зиммасига тушган юк шундан иборатки, у ғийбат қилган даврасидан туриб кетмасдан бурун ва қилинган иғво иғво қилинганнинг қулоғига етмасдан бурун тавба-истиғфор қилсин, чунки қилинган ғийбат ғийбат қилинганнинг қулоғига бормасдан аввал тавбаси-истиғфор қилинса, афв этилади! Лекин, қилинган ғийбат ғийбат қилинганнинг қулоғига етиб боргандан кейин афв этилмайди, фақат иғво қилинган киши билан розилашгандагина афв этилади. (фойдаланилган манба: Мукошафат-ул қулуб. Абу Ҳомид Ғаззолий.
www.ziyouz.com кутубхонаси)
Асака туманидаги Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби Абдураззоқ Фармонов