СУВНИНГ ҚАДРИ.
Парвардигори оламнинг бизларга қилган марҳамати ила қанча-қанча неъматларини устимизга сочиб юборган. Дарҳақиқат, у неъматлар шунчалик даражада кўпки, уни санаб адоғига етолмаймиз, ҳатто айримларини неъмат эканлигига ақлимиз қосирлик қилади.
Аллоҳ таоло Қурони каримда бу неъматларни нақадар буюклигига ишора қилиб шундай мархамат қилади;
وَهُوَ الَّذِيَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاء مَاء فَأَخْرَجْنَا بِهِ نَبَاتَ كُلِّ شَيْءٍ فَأَخْرَجْنَا مِنْهُ خَضِرًا نُّخْرِجُ مِنْهُ حَبًّا مُّتَرَاكِبًا وَمِنَ النَّخْلِ مِن طَلْعِهَا قِنْوَانٌ دَانِيَةٌ وَجَنَّاتٍ مِّنْ أَعْنَابٍ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُشْتَبِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ انظُرُواْ إِلِى ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَيَنْعِهِ إِنَّ فِي ذَلِكُمْ لآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
“У, осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги ғўрасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят – белгилар бордир” (Анъом сураси 99 оят)
Роса чанқаб турган пайтимизда, олдимизга сув олиб келинса-да, лабимизга яқин келтириб, ё Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, ё қилмасдан бир сония ичида томоғимиздан ўтиб кетади. Мана шу ҳар бир тирик жонзотга зарур бўлган сувни, чанқаган кишининг бир сония ичида томоғидан ўтиб кетган сувни қаердан келганини сўралса нари борса тафаккури сув жўмрагигача боради холос.
Келинг, чанқоғимизни қондирадиган, овқатларимизга ишлатиладиган, кирларимизга зарур бўлган, ҳожатларимиз учун керак бўлган бир оддий сувни бизгача қаердан етиб келишлигини фикр қилиб кўрайлик, дунёда қуруқликдан кўра сувлик кўп, бу албатта Парвардигори оламни мувозанатни сақлаб туришлик учун қилган, ундан кейин бу сувларни бир жойда сақлашлик учун Аллоҳ таоло денгизу уммонларни яратиб қўйди. Ўша денгиз сувлари бир жойда туровириб, ачиб қолмасин деб ичини туз билан тўлдириб қўйган, яна унинг ичида жониворларни яратиб қўйдики, кечаю кундуз уни тозалаб турадилар, яна бу жониворларни ўлигию тириги бўлиб ҳидланиб қолмасин деб, денгизни у ёқдан бу ёққа мавж бериб, чайқалтириб қўйди. Аллоҳ таоло одамзодга бор пақирингни олда қаерда бўлсанг ўша денгиздан олиб кел демади. Чунки у сувнинг шўрлигидан ичолмай хароб бўларди. Ўзининг қудрати ила у сувни парлантириб булут ҳосил қилди. Парланганда эса, шўрлиги қолиб чучук сув ажралиб чиқди. Энди бу ҳомиладор булутлар Парвардигорининг амри билан бандасининг ҳожати учун дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига сайр қилиб, Аллоҳ амр қилган жойларга сепади. Энди яна Аллоҳ таоло: “Бандам, узоқ-узоқ жойлардан олиб келиб, шўр сувдан чучугини ажратиб, булутларда олиб келдим, энди пақирингни олиб чиқ, катта-катта идишларнигни чиқариб, бир йилгача сувларингни жамлаб қўйгин” демади. Деганида ҳам биз бандалар бунга чидолмасдик ва бунга имкониятимиз ҳам йўқ. Шунинг учун Парвардигори олам бу узоқ-узоқлардан олиб келинган сувни ер шимиб кетмасин ёки бирор нарса зарар етказмасин деб, қаттиқ қилиб, яъни қор шаклида тоғларнинг ҳе тепасида, бировнинг қўли-ю оёғи етмайдиган жойларда ёғдириб сақлаб қўйди. Яна Аллоҳ таоло: “Бандам, шунча ишни қилиб қўйдим, ёмғирни ёғдириб қўйсам ер шимиб қўйиши мумкин эди. Мана тоғларни тепасига қор қилиб қўйдим. Энди ўзинг бориб, кераклигича кесиб-кесиб олиб ишлатавер” дейишлика ҳаққи бор эди. Йўқ, Аллоҳ таоло бундай демади марҳамат қилиб, тоғлардаги қорлар устига қуёшни келтириб, кам-кам тагидан эритиб, оқизди. Яна баланд-баланд тоғларннг тепасига сақладики, эриганда шундай тезлик билан оқсинки, ҳар қандай ўнқир-чўнқирлардан ўтиб бандаларнинг эҳтиёжигача етиб борсин. Энди булар сой бўлиб, дарё бўлиб, ариқ бўлиб бизнинг эшигимизнинг олдигача етиб келади.
Ёки яна бир кўриниши Аллоҳ таоло дунёнинг у четидан бу четига оқиб оқиб юрадиган ер ости дарёларини ҳам яратиб қўйдики, уларни ер табақаларидан тозалаб-фильтирлаб, хоҳлаган ерингизни кавласангиз сув чиқиб туради. Мана шу ишларда бизларнинг ҳеч қандай хизматимиз йўқ. Ҳеч бўлмаса, бир 10 метрлик қувур олиб эшигимиз олдигача келтиришимиз мумкин, холос. Ўшангна неча кун уринамиз. Лекин Худои таоло қанча-қанча махлуқотларни хизмат қилдириб қўйиб, эшигимизни олдигача олиб келгандан кейин, энди наҳот биз шунча неъматларни муҳайё қилган Парвардигорни исмини олмасдан сувни ичишимиз мумкин. Ахир бу номардлик эмасми?!
Барчамизга маълумки мана шу сувлар, ёмғирлар бизларнинг деҳқончилигимизга, чорвачилигимизга нақадар зарур. Аллоҳ таоло деҳқону чорвачиликда хизмат қиладиган, келингки, барча ер билан ишлайдиган халқига мурожаат қилиб дейдики:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُواْ وَاتَّقَواْ لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاء وَالأَرْضِ
“Агарда қишлоқ аҳолиси иймон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси 96 оят).
Демакким, ҳар бир деҳқон қилаётган ишини иймон тарозисига ўлчаб, Худои таолога тақво қилган ҳолда, ибодат ва итоат билан ишини адо этса, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда бераяптики барака эшикларини ҳам осмондан, ҳам ердан очиб қўяман деб.
عَنْ مُعَاوِيَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:"الدُّنْيَا حُلْوَةٌ خَضِرَةٌ، فَمَنْ أَخَذَهَا بِحَقِّهَا بُورِكَ لَهُ فِيهَا"
“Дунё ширин ва гўзал, бас кимики ундан меъёрида истифода қилса, Аллоҳ таоло уни барокатли қилур”
Барчаларимиз Аллоҳ таоло томонидан берилган барча неъматларни қадрига етиб улардан унумли ва оқилона фойдалагишлигимиз барчаларимизга лозимдир.
“Муҳаммад Солеҳ хожи” жоме масжиди ноиби имоми Ж. Парпиев.