Одоб ва ахлоқ  ( 98126 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 ... 17 B


MirzoMuhammad  14 Fevral 2017, 10:55:53

ҚАРЗНИНГ ОҒИРЛИГИ
Ҳозирги кунда одамлар ўртасида энг кўп тарқалган муомалалардан бири – қарз олди-бердиси. Чунки инсонлар кундалик турмушда бу нарсага тез-тез эҳтиёж сезадилар. Кимнингдур маблағи камлигидан қарз сўрашига тўғри келиб қолиши мумкин. Бироқ пули кўп одамнинг харажати ҳам шунга яраша бўлади.
Оишa разияллоҳу анҳо қaрз сўрaрдилaр. "Сиз қaрзни нимa қилaсиз?" дейишгaндa: "Мен Рaсулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кимнинг бўйнидa қaйтaриш нияти билaн олгaн қaрзи бўлсa, унгa Aллоҳдaн ёрдaм бўлaди", дегaнлaрини эшитгaнмaн. Мен ҳaм Aллоҳнинг ёрдaми билaн юришни xоҳлaймaн", деб жaвоб бергaнлaр.
Пaйғaмбaр саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ризққa пешвоз чиқинглaр, aгaр у ғолиб келсa, Aллоҳ вa Унинг рaсули номидaн қaрз сўрaнглaр", дегaнлaр.
Муҳaммaд ибн Aли қaрз олaр эдилaр. Унгa: "Шунчa мол-дунёнгиз бор, қaрз олиб нимa қилaсиз?, дейишди. "Чунки Пaйғaмбaр саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Aллоҳ қaрздор киши билaн то қaрзини узгуничa биргa бўлaди", дегaнлaр. Мен ҳaм Aллоҳ мен билaн биргa бўлишини xоҳлaймaн", деб жaвоб бердилaр.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, қарз олишдан мақсад фирибгарлик бўлмаслиги керак. Шунингдек ўз вақтида қайтариш керак. Акс ҳолда қарз инсонни хор қилади.
Aбу Қaтодa Пaйғaмбaримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдaн ривоят қилaдилaр: “Эй Аллоҳнинг расули! Aллоҳ йўлидa ўлдирилгaн кишининг xaтолaри кечирилaдими?" деб сўрaшди. "Ҳa, aгaр иймонли, сaбрли ҳолaтидa чекинмaсдaн ҳужум қилиб ўлсa. Лекин қaрзлaри қолaди. У ўзигa aзоб бўлaди", дедилaр.
Луқмони Ҳaким дейдилaр: "Темирни, тошни кўтaриб кўрдим, бироқ қaрздaн кўрa оғирроқ нaрсaни кўтaрмaдим".
   
   Сарварбек Йўлдошев. Мирзо Шариф масжиди имоми
   Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини
   Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  14 Fevral 2017, 11:45:49

ҲАЗРАТ УМАРНИНГ МУСУЛМОН БЎЛИШИ
Ислом тарихида тилларда достон бўлиб, ўзининг адолати билан нафақат мусулмонларни, балки бутун башариятни лол қолдирган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қандай қилиб мусулмон бўлганини биласизми? Ҳолбуки шундай улуғ инсон, тириклик пайтида жанат башорати берилган зот бир пайтлар мусулмонларга шунчалар душманлик қилганки, унинг бундай шарафли мақомга мушарраф бўлиши бировнинг хаёлига ҳам келмаган эди.
Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яин” китобида ёзади:
“Ҳабашистонга жўнаб кeтган Лайло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганимиз учун бизни жуда ёмон кўрарди. Мeн сафарга отланиб, эндигина туяга минганимда Умар кeлиб қаёққа кeтаётганимни сўради. Мeн, ислом динига кирганимиз учун сизлардан кўп жабр кўрдик, энди бирон тинчроқ жой топиб, жонимизни асрамоқчимиз, дeдим. Умар оқ йўл тилаб қолди. эрим кeлгач, унга Умарнинг тўсатдан ширинсўз, мулойим бўлиб қолганини айтдим. Омир: "Умарни имонга кeлади, дeб умид қилмай қўя қол. Худо ҳаққи, эшаги мусулмон бўлмагунча Умар имон кeлтирмайди", дeди.
Омир Умарнинг мусулмонларга нисбатан қўпол ва шафқатсизлитани яхши билгани учун шундай дeган эди. Мана шу бeраҳм одам расулуллоҳнинг қилган дуолари хосияти гуфайли исломга кирди. Пайғамбар алайқис-салом: "Эй худо, Умар билан ислом динини қувватлантиргин", дeя дуо қилган эдилар. Орадан кўп ўтмай Умар мусулмонлар тўпланадиган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида имон кeлтирди. Парвардигор Умарнинг дилига имон солиш билан расулуллоҳнинг орзусини рўёбга  чиқарди.
"Саҳиҳ-ул-Бухорий"да ривоят қилинишича, Умар исломга киргач, мусулмонлар кучайиб, ўзларига ишонч пайдо бўлган ва унинг талабига биноан номозни масжидда ўқий бошлашди.
Умарнинг мусулмонлар сафига ўтганини кўрган мушрикларни ғам босди, ундан қандай ўч олишни билмай охири ўлдиришга қарор қилишди. Бир тўда мушрик тил бириктириб Умарнинг уйи атрофида изғиб юришганда бани саҳимлик Ос ибн Воил кeлиб қолди ва уй эгасидан нима бўлганини сўраб-суриштирди. "Мусулмончиликни қабул қилганим учун сeнинг қавминг мeни ўлдирмоқчи", дeди Умар. "Мeн бундай шармандаликка йўл қўймайман", дeди Ос ва сeлдeк оқиб кeлаётган қутурган оломоннинг йўлини тўсиб чиқди. "Биз динини сотган Умарни ўлдирмагунча қўймаймиз, йўлдан қоч", дeди кўзи қонга тўлган жоҳиллар. "Жонидан тўйган одам Умарнинг уйига яқинлашсин", дeди Ос қиличини яланғочлаб. Унинг важоҳатини кўрган оломон орқасигачeкинди”.
Яна Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасот” китобида ёзилишича Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини излаб йўлга чиқди. Улар Сафо атрофидаги уйда тўпланиб ўтиришгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, амакилари Ҳамза, абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум билан биргаликда эркак ва аёл жами қирқ киши чамасида эканини эшитган эди.
Бу пайтда Қурайшлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилган кишига мукофот ажратган эди. Умар ибн Хаттоб ҳам ана шу иш қасдида чиқди. Йўлда унга Наъим ибн Абдуллоҳ рўпара келиб қолди.
-   Эй Умар, қаёққа кетяпсан? – сўради у.
-   Динидан юз ўгириб, Қурайш халқига тафриқа солиб, етук инсонларни аҳмоққа чиқариб, динини айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилган Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!
-   Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, сен ўзингни ғорат қилибсан, эй Умар! Бану Абдуманофни кўряпсанми? Сен Муҳаммадни ўлдирсанг улар сени ер юзида қолдириб қўядими?! Аҳли байтингга борсанг-чи, уларнинг ишларини кўрар эдинг!
-   Қайси аҳли байтим?
-   Куёвинг, амакингнинг ўғли Саъид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Хаттоб қизи Фотима. Аллоҳга қасамки, улар мусулмон бўлишган! Муҳаммаднинг динига эргашган. Ўшаларнинг олдига бор!
Умар синглиси ва куёвининг олдиларига борди. У жойда Хубоб ибн Арт Тоҳо сўраси ёзилган саҳифани ўқиётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Хубоб парда ортига беркиниб олди. Фотима саҳифани олиб, сонининг остига яшириб қўйди. Умар уйга яқин келганида улар нимадир ўқиётганларини эшитишга улгурган эди.
-   Мен эшитган нарсам нима эди?!  Сўради Умар.
-   Ҳеч нарса эшитганингиз йўқ! – жавоб беришди эр-хотин.
-   Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммаднинг динига эргашганингизнинг хабарини эшитиб қолдим! Шу гап тўғрими?! – сўради куёвидан.
Фотима эрини ҳимоя қилиб ўртага тушди. Уни бир урган эди, зарба теккан жой ёрилиб кетди. Шундан сўнг улар иқрор бўлишди:
-   Ҳа, мусулмон бўлдик! Аллоҳга ва Уиннг расулига имон келтирдик! Мана энди хоҳлаганингни қилавер!!
Ниҳоят синглисининг жароҳатида қон оқаётганини кўргач, ўафқати қўзиди, қилган ишига надомат қилди.
-   Ҳозирроқда ўқиган нарсангларни менга бир кўрсатинглар-чи? Нима экан у- Муҳаммад олиб келган нарса, бир кўрай-чи?
Умар хат ёзишни билар эди.
-   Йўқ, уни Сизга беришдан қўрқамиз, - дейишди.
-   Қўрқманглар, - деб албатта қайтариб беришликка илоҳалари номидан қасам ичди.
Шунда Фотима шоядки, Исломга рағбат қилиб қолса, деб умид қилди ва:
-   Эй акажон, Сиз мушриклигингиз сабабидан нажассиз. Буни эса таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, - деди.
Умар ўрнидан туриб ғусл  қилди. Шундан сўнг Фотима Тоҳо сураси битилган саҳифани берди. Умар уни ўқиб:
-   Қандоқ ҳам гўзал ва мукаррам бу Калом! Қурайш шундан қочиб юриптими? Қурайшнинг ҳолига вой! – деб юборди. Унинг бу сўзларини эшитган Хубоб беркинган жойидан чиқди.
-   Эй Умар! – деди у, - Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси билан сени хослаган бўлишлигини хоҳлар эдим. Чунки кеча мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ! Икки Умарнинг бири билан – Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан Исломга нучрат бер!” деганларини эшитдим. Аллоҳга қасамки, эй Умар, сен ўзиб кета қол!
-   Эй Хубоб, мени Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига етаклаб бор, Исломни қабул қилмоқчиман, - деди Умар ибн Хаттоб.
-   Улар Сафо яқинидаги Арқамнинг ҳовлисидалар.
Умар ибн Хаттоб қиличини ўйнатганча уларнинг олдиларига бориб эшик қоқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири туриб, эшикнинг тирқишидан мўралаб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бу Умар экан! Қиличини ўйнатиб турибди, - деди.
Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб сўз қотди:
-   Изн беринг, эй, Аллоҳнинг расули! Агар у яхшилик билан келган бўлса, боримизни нисор қилурмиз. Ёмонлик масадида келган бўлса, ўзининг қиличи билан чопиб ташлармиз!
-   Изн бер, унга! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга рухсат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кутиб олдилар. Ридосининг этагидан ушлаб олқиш сўзларини айтдилар:
-   Эй Хаттобнинг ўғли! Қандай қилиб келдинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени фалокатга гирифтор қилмасдан бурун бас қилганингни кўрмоқдаман!
-   Эй, Аллоҳнинг расули! – деди Умар ибн Хаттоб, - Мен Аллоҳга, Унинг расулига ва расули Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нима олиб келган бўлса шуларга имон келтириш учун келдим.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтиб юбордилар. Уй аҳллари ҳам Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганига гувоҳ бўлдилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Исломни ошкор қилгани юборилдингизми ёки сир тутганими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ошкор қилгани, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ундай бўлса махфийлик нечун?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоблари ва эндигина мусулмон бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳум, Каъбага бордилар. Умар разияллоҳу анҳу баланд овозда:
-   Эй Қурайш жамоаси! Кимки онаси боласидан жудо бўлиб, боласи етим, хотини бева қолишини истаса мана шу водий ортидан менга рўпара келсин! Чунки мен гувоҳлик берурман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир! – деб овоза қилди.

Абдураззоқ Фармонов. Асака тумандаги Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  15 Fevral 2017, 08:49:25

ҚЎШНИЧИЛИК.
   Қадим – қадимдан ҳалқимиз орасида қўни – қўшничилик ва қариндош - уруғчилик муносабатлари жуда хам яхши ҳолатда ривожланиб келган. Бундай муносабатларни ривожланишида муқаддас Ислом дини таълимотлари асосий омил бўлган десак муболаға бўлмайди.
   Аллоҳ таоло бандаларини қўшничилик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا
   “Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси 36 оят).
   “Бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ўша банда ёрдамидадир”.
عَنْ زَيْدِ بن ثَابِتٍ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : لَقَدْ أَوْصَانِي جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلامُ بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ
   “Жаброил менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен қўшнига яқинда мерос берилади, деб ўйлар эдим”.
   Қушниниг ҳақларидан яна бири мухтож бўлса ёрдам беришликдир.
عَنْ رِبْعِىٍّ عَنْ حُذَيْفَةَ - رضى الله عنه - قَالَ سَمِعْتُ النَّبِىَّ - صلى الله عليه وسلم - يَقُولُ « إِنَّ رَجُلاً كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ أَتَاهُ الْمَلَكُ لِيَقْبِضَ رُوحَهُ فَقِيلَ لَهُ هَلْ عَمِلْتَ مِنْ خَيْرٍ قَالَ مَا أَعْلَمُ ، قِيلَ لَهُ انْظُرْ . قَالَ مَا أَعْلَمُ شَيْئًا غَيْرَ أَنِّى كُنْتُ أُبَايِعُ النَّاسَ فِى الدُّنْيَا وَأُجَازِيهِمْ ، فَأُنْظِرُ الْمُوسِرَ ، وَأَتَجَاوَزُ عَنِ الْمُعْسِرِ . فَأَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ » .
   “Сизлардан олдинги қавмлардан бир кишини фаришта келиб жонини қабз қилганда, унга айтилди: “Нима яхшилигинг бор?” У эса: “Билмадим”, деди. “Эсла, яхшилаб эсла”, дейилди. “Ҳеч қанақа тузук амалим йўқ, аммо одамлар билан савдо-сотиқ қилганимда, бировга қарз берсам, қарзимни узишга қурби етадиган бўлса, вақтинча узолмай турган кишига муҳлат берардим, аммо ночор киши, мени қарзим тўлолмайдиган бўлса, қарзимни кечиб юборардим”, деди. Шу боис Аллоҳ таоло унинг гуноҳидан кечди ва жаннатига киргизди”
   Бошқа бир хадисда эса шундай дейилган:
عن عبد الله بن عمرو بن العاص عن رسول الله صلى الله عليه و سلم أنه قال : خيرُ الأصحابِ عند الله تعالى خيرُهُم لصاحبه وخيرُ الجيران عند الله خيرُهُم لجاره
   “Аллоҳ таолонинг наздида, дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик қиладиганидир. Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир”
   Айтадиларки қўшнилар уч қисимдир. Биринчиси қариндош ва мусулмон қўшни. Унинг 3 та ҳаққи бордир.
1) ислом ҳаққи;
2) қариндошлик ҳаққи;
3) қўшничилик ҳаққи.
Иккинчиси мусулмон қўшни. Унинг 2 та ҳаққи бордир.
1) ислом ҳаққи;
2) қўшничилик ҳаққи.
Учинчи ғайридин қўшни. Унинг 1 та ҳаққи бордир.
1) қўшничилик ҳаққи.
   Хикоя қилишларича қадимда бир – бирига жуда меҳрибон икки ака – ука бўлиб, каттаси оилали, фарзандлари ҳам сероб бўлиб, кичиги ҳали бўйдоқ экан. Ота-оналарининг вафотидан сўнг, улар алоҳида яшаб,  улардан қолган меросни тенг тақсимлашга қарор қилишибди. Узоқлашиб кетмаслик мақсадида қўшни бўлиб яшаш учун кичигига биргаликда уй қуришибди. Ака – укалар кошоналарининг орасини фақатгина дон сақлаш учун ишлатиладиган омбор ажратиб турар эди. Омборнинг ўнг томонидаги ўра акасига, чап томонидаги ўра эса, укасига тегишли эди.
Ҳар кеча тунги намоздан сўнг ака яширинча омборга кириб,  ўз ўрасидан маълум миқдорда  дон олиб укасининг ўрасига ташлаб қўяр экан. “Аллоҳ менга итоатли ва сабрли аёл, бамаъни фарзандларни ато этган. Хўжалик юритишда менга бирмунча кўмаклашиб туришибди. Улар мени қариб қолган чоғимда ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйишмайди. Аммо укам ёлғиз, мендан кўра бу донларга муҳтожроқ. Шу донлар унга бўлақолсин. Зеро, Аллоҳ қўшниларга яхшилик қилишга буюрган. Бунинг устига қўшни мўмин – мусулмон бўлиб, орада қариндошчилик алоқаси ҳам бўлса, тегадиган ажр ҳам икки ҳисса бўлади. Чин ихлос билан Аллоҳнинг берган неъматига ҳамдлар айтаман. Чунки Аллоҳ – ризқ ато этгувчидир”,  деб ўйлар эди ака.
Буни қарангки, укаси ҳам эрта тонгда омборга кириб ўз ўрасидан акасиникига маълум миқдордаги донларни ўткизиб қўяётиб шундай ўйлар экан:  “Мен ахир бўйдоқ бўлсам. Бунча кўп дон тўплашга менда зарурат ҳам йўқ. Зеро, Аллоҳ қўшниларга яхшилик қилишга буюрган, бунинг устига қўшни мўмин – мусулмон бўлса, қолаверса, орада қариндошчилик алоқаси бор. Тегадиган ажр ҳам икки ҳисса бўлади. Чин ихлос билан Аллоҳнинг берган неъматига ҳамдлар айтаман. ЧункиАллоҳ бандалрни ўзи яратди ўзи  ризқ ато этгувчидир” 
Ака – укалар бу савоб амални шунчалик пинҳона амалга оширар эдики, бутун умрлари мобайнида ҳар икалалари ҳам бу ишни мен ўз жигаримга қиляпман, деб ўйлашар эди. 
Бу оға – иниларга бир – бирларига нисбатан хурмати ва оқибати сабабли, Аллоҳ  кундан-кунга ҳар иккалаларининг ҳам бойликларига бойлик қўшиб, зиёда қилиб берар экан.
“Мирза Холиқ ота” жоме масжиди имоми М. Хожиев.



Qayd etilgan


okahon.8800  15 Fevral 2017, 08:52:28

ҚЎШНИЧИЛИК.
   Қадим – қадимдан ҳалқимиз орасида қўни – қўшничилик ва қариндош - уруғчилик муносабатлари жуда хам яхши ҳолатда ривожланиб келган. Бундай муносабатларни ривожланишида муқаддас Ислом дини таълимотлари асосий омил бўлган десак муболаға бўлмайди.
   Аллоҳ таоло бандаларини қўшничилик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا
   “Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси 36 оят).
   “Бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ўша банда ёрдамидадир”.
عَنْ زَيْدِ بن ثَابِتٍ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : لَقَدْ أَوْصَانِي جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلامُ بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ
   “Жаброил менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен қўшнига яқинда мерос берилади, деб ўйлар эдим”.
   Қушниниг ҳақларидан яна бири мухтож бўлса ёрдам беришликдир.
عَنْ رِبْعِىٍّ عَنْ حُذَيْفَةَ - رضى الله عنه - قَالَ سَمِعْتُ النَّبِىَّ - صلى الله عليه وسلم - يَقُولُ « إِنَّ رَجُلاً كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ أَتَاهُ الْمَلَكُ لِيَقْبِضَ رُوحَهُ فَقِيلَ لَهُ هَلْ عَمِلْتَ مِنْ خَيْرٍ قَالَ مَا أَعْلَمُ ، قِيلَ لَهُ انْظُرْ . قَالَ مَا أَعْلَمُ شَيْئًا غَيْرَ أَنِّى كُنْتُ أُبَايِعُ النَّاسَ فِى الدُّنْيَا وَأُجَازِيهِمْ ، فَأُنْظِرُ الْمُوسِرَ ، وَأَتَجَاوَزُ عَنِ الْمُعْسِرِ . فَأَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ » .
   “Сизлардан олдинги қавмлардан бир кишини фаришта келиб жонини қабз қилганда, унга айтилди: “Нима яхшилигинг бор?” У эса: “Билмадим”, деди. “Эсла, яхшилаб эсла”, дейилди. “Ҳеч қанақа тузук амалим йўқ, аммо одамлар билан савдо-сотиқ қилганимда, бировга қарз берсам, қарзимни узишга қурби етадиган бўлса, вақтинча узолмай турган кишига муҳлат берардим, аммо ночор киши, мени қарзим тўлолмайдиган бўлса, қарзимни кечиб юборардим”, деди. Шу боис Аллоҳ таоло унинг гуноҳидан кечди ва жаннатига киргизди”
   Бошқа бир хадисда эса шундай дейилган:
عن عبد الله بن عمرو بن العاص عن رسول الله صلى الله عليه و سلم أنه قال : خيرُ الأصحابِ عند الله تعالى خيرُهُم لصاحبه وخيرُ الجيران عند الله خيرُهُم لجاره
   “Аллоҳ таолонинг наздида, дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик қиладиганидир. Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир”
   Айтадиларки қўшнилар уч қисимдир. Биринчиси қариндош ва мусулмон қўшни. Унинг 3 та ҳаққи бордир.
1) ислом ҳаққи;
2) қариндошлик ҳаққи;
3) қўшничилик ҳаққи.
Иккинчиси мусулмон қўшни. Унинг 2 та ҳаққи бордир.
1) ислом ҳаққи;
2) қўшничилик ҳаққи.
Учинчи ғайридин қўшни. Унинг 1 та ҳаққи бордир.
1) қўшничилик ҳаққи.
   Хикоя қилишларича қадимда бир – бирига жуда меҳрибон икки ака – ука бўлиб, каттаси оилали, фарзандлари ҳам сероб бўлиб, кичиги ҳали бўйдоқ экан. Ота-оналарининг вафотидан сўнг, улар алоҳида яшаб,  улардан қолган меросни тенг тақсимлашга қарор қилишибди. Узоқлашиб кетмаслик мақсадида қўшни бўлиб яшаш учун кичигига биргаликда уй қуришибди. Ака – укалар кошоналарининг орасини фақатгина дон сақлаш учун ишлатиладиган омбор ажратиб турар эди. Омборнинг ўнг томонидаги ўра акасига, чап томонидаги ўра эса, укасига тегишли эди.
Ҳар кеча тунги намоздан сўнг ака яширинча омборга кириб,  ўз ўрасидан маълум миқдорда  дон олиб укасининг ўрасига ташлаб қўяр экан. “Аллоҳ менга итоатли ва сабрли аёл, бамаъни фарзандларни ато этган. Хўжалик юритишда менга бирмунча кўмаклашиб туришибди. Улар мени қариб қолган чоғимда ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйишмайди. Аммо укам ёлғиз, мендан кўра бу донларга муҳтожроқ. Шу донлар унга бўлақолсин. Зеро, Аллоҳ қўшниларга яхшилик қилишга буюрган. Бунинг устига қўшни мўмин – мусулмон бўлиб, орада қариндошчилик алоқаси ҳам бўлса, тегадиган ажр ҳам икки ҳисса бўлади. Чин ихлос билан Аллоҳнинг берган неъматига ҳамдлар айтаман. Чунки Аллоҳ – ризқ ато этгувчидир”,  деб ўйлар эди ака.
Буни қарангки, укаси ҳам эрта тонгда омборга кириб ўз ўрасидан акасиникига маълум миқдордаги донларни ўткизиб қўяётиб шундай ўйлар экан:  “Мен ахир бўйдоқ бўлсам. Бунча кўп дон тўплашга менда зарурат ҳам йўқ. Зеро, Аллоҳ қўшниларга яхшилик қилишга буюрган, бунинг устига қўшни мўмин – мусулмон бўлса, қолаверса, орада қариндошчилик алоқаси бор. Тегадиган ажр ҳам икки ҳисса бўлади. Чин ихлос билан Аллоҳнинг берган неъматига ҳамдлар айтаман. ЧункиАллоҳ бандалрни ўзи яратди ўзи  ризқ ато этгувчидир” 
Ака – укалар бу савоб амални шунчалик пинҳона амалга оширар эдики, бутун умрлари мобайнида ҳар икалалари ҳам бу ишни мен ўз жигаримга қиляпман, деб ўйлашар эди. 
Бу оға – иниларга бир – бирларига нисбатан хурмати ва оқибати сабабли, Аллоҳ  кундан-кунга ҳар иккалаларининг ҳам бойликларига бойлик қўшиб, зиёда қилиб берар экан.
“Мирза Холиқ ота” жоме масжиди имоми М. Хожиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  22 Fevral 2017, 16:52:26

АСР ВАБОСИДАН САҚЛАНАЙЛИК.
Аллоҳ таоло инсонлар учун еру осмонларни барпо қилиб, унда инсонни барча махлуқотлардан азиз ва мукаррам қилиб яратди. Инсон хам ҳаёти давомида манашу мукаррамликни сақлаган ҳолда умргузаронлик қилиши керак бўлган ишлардандир.
Барчамизга маълумки, Шариати Исломия инсон зотини бу дунёда азизу мукаррам бўлиб яшашда давом этиши учун “олти заруриёт” деб аталмиш нарсаларни жорий этган. Улар:
1) “Дину диёнатни, соғлом эътиқодни сақлаш”
2) “Жонни, соғлик-саломатликни муҳофаза қилиш”
3) “Ақлни саломат сақлаш, онгни турли заҳарли ғоялардан асраш”
4) “Насл-насабни покиза сақлаш”
5)  “обрў эътиборни, номусни сақлаш”.
6) “Мол-мулкни муҳофаза қилиш. Шу жумладан ўз мулкини, умумий мулкни, халқ мулкини зое бўлиб, нобуд бўлишидан сақлаш”.
Мана шу олтита қоида Ислом дини қонунлари келиб чиққан. Ушбу 6 қоидани барчасини совуриб ташлайдиган яна бир ҳолат бўлиб, у хам бўлса, бугунги кунда келиб аср вабоси деб номланаётган гиёхвандликдир.
Гиёхванд моддалар инсон ҳаёти учун зарарли екани барчамизга маълум. Афсуски, бугун орамизда Аллоҳ манъ этган иллатларга ружу қўйиб, бир бор берилган умрининг, азиз ҳаётининг қадрига етмасдан, гуноҳ йўлга кириб, тубанлик ботқоғига ботган инсонлар ҳам озми-кўпми учраб турганлиги ачинарлидир.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Ўзларингизни ўзларингиз ҳалокатга ташламанглар”, деб марҳамат қилган. Бундан кўринадики охири ўлимга олиб келадиган ҳар қандай одатлардан инсон боласи четда бўлмоғи лозим.
Ҳадиси шарифларда “Ҳар бир маст қилгувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” – дейилади.
Ҳар қандай нарса инсонни маст қилса, ақлини кетказса у ҳаром бўлади. спиртли ичимликми, гиёҳванд моддаларми, нашаларми ёки бирор моддаларни ҳидлаб маст бўладими озми - кўпми барибир ҳаммаси харомдир.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хоҳ у кўп бўлсин, хоҳ у озгина бўлсин барбир ҳам ҳаром” – дейилган.
Бугунлик кунда гиёҳвандликни инсониятга солаётган хавфи ҳозирнинг долзарб муаммоси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу офатга қарши айни пайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича тахминан 80 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган. Шифокорларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан жуда ҳам тез қарийди. Айниқса, гиёҳвандлик балосига дучор бўлганларнинг ҳаёти охир-оқибат аянчли якун топаётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
“Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ", дейди доно халқимиз. Ана шундан келиб чиқиб, гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун биз катталар жавобгар ва масъул эканлигимизни унутмайлик. Ушбу иллатни таг-томири билан йўқ қилиш учун зарур чора-тадбирларни кўришимиз, бу ҳаракатдан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим. Дархақиқат ўсаётган ҳар бир ўғил-қизимиз жисмонан, ақлан соғлом ва баркамол вояга етиши, гиёҳвандлик иллатига аралашиб қолмасликларини таъминлайлик.
“Мирза Холиқ ота” жоме масжиди имоми М. Хожиев.


Qayd etilgan


okahon.8800  22 Fevral 2017, 16:53:05

СОЛИҲ АМАЛЛАР - ГУНОҲЛАР УЧУН КАФФОРОТДИР.
Хар бир инсон ўзи билмаган ҳолда гохида билиб билмасдад гуноҳлар содир этиб қўйиши мумкин. Аллоҳ бандага шу қадар меҳрибонки, уни бу гуноҳлардан поклашни банданинг ўзига боғлиқ қилиб, гуноҳларни кечирилиши учун жуда ҳам кўп солиҳ амаллардан иборат сабабларни пайдо қилиб қўйган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, ёмонлик ортидан яxшиликни эргаштир. Шунда уни ўчириб юборади ва одамлар билан чиройли xулқ ила муомалада бўл!” - дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Юқоридаги ҳадисда банда баъзида ўзи билмаган ҳолда кичкина гуноҳ содир этиб қўйганида, анашу гуноҳ иш ортидан савобли амал қилиш зарурлиги, ва шу билан ўша гуноҳ ўчирилиши, хамда Аллоҳ таоло тарафидан мағфират қилиниши айтилмоқда.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Ей Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг!” дедим. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қил. Агар бирон ёмон иш содир этсанг, ортидан дарров яxши иш қил. Шунда уни ўчириб юборади”, дедилар. Мен: “Лаа илааҳа иллаллоҳ ҳам ҳасанотларданми?” деб сўрагандим, у зот: “У ҳасанотларнинг энг афзалидир” -  дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Мана динимизниг гўзаллиги. Банда ўзи билмаган ҳолда гуноҳ содир этса, тавба қилиш билан бирга хар қандай яxши савобли иш қилса, яъни бу савобли иш қўни – қўшни, қариндош – уруғга яхши муомалада бўлиш бўладими, ёки Аллоҳ таолога буюрган ибодатларни қилиш бўладими, ҳатто чин иҳлос билан таҳорат олиш хам савобли амаллардан бўлиб гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Ким бу Байтни ҳаж қилса ва нолойиқ сўз ва амал ҳамда бузғунчиликдан сақланса, (уйига) онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан пок бўлиб) қайтади” (Имом Буxорий ва имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини ривоят қилади: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб, юзини ювса, юзидан икки кўзи қараб қилган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг оxирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, икки қўли ушлаб содир этган ҳамма гуноҳлари сув билан ёки сувнинг оxирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар оёғини ювса, оёғи (билан) юриб содир этган жамики гуноҳлар сув билан ёки сувнинг оxирги қатраси билан чиқиб кетади. Шундай қилиб у гуноҳлардан (бутунлай) покланади” (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат банда учун гуноҳларни кечирилишига, номаи аъмолларини тўлдирилишига сабаб буладиган савобли амаллар жуда ҳам кўп бўлиб, анашу амалларда бардавом бўлишлик барчаларимизга  лозимдир.
“Муҳаммад Солиҳ хожи” жоме масжиди ноиби имоми: Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  01 Mart 2017, 06:50:45

ОТА-ОНА РИЗОСИ
Бу дунёда инсонга энг яқин ва энг меҳрибон зотлардан бири, албатта унинг  ота-онасидир. Ҳеч қайси бир инсон уларчалик фарзандига ғамхўр ва мушфиқ бўла олмайди. Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири ҳаёт бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки ота-она оиланинг кўрки, бирор нарсани тамаъ қилмасдан тўғри маслаҳат берувчи, ҳар доим хабар олиб турувчи ва фарзанлар учун Аллоҳни розилигини топишга сабаб бўлувчи зотлардир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди”. (Исро сураси 23 оят).
Бошқа бир оятда эса“Биз ота-онага яхшилик қилишни буюрамиз”, дейилади. Юқоридаги оятдан малум бўладики ота-она хизматини қилишлик, уларни розилигини топишлик фарзанд учун фарз ва жуда ҳам муҳим эканлигига далолат.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг ҳадиси шармфларида шундай дейилган: “Бир мўмин-мусулмон кишининг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан онаси ёки отаси рози бўлмагунча, Аллоҳ рози бўлмайди” дедилар. Бир киши: “Ота-онаси унга зулм қилган бўлса ҳамми?”, деб сўради. Расулулоҳ с.а.в.:“Агарчи ота-онаси унга зулм қилган бўлса ҳам, зулм қилган бўлса ҳам, зулм қилган бўлса ҳам”, деб уч маротаба такрорладилар”.
Пайғамба¬римиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай.
Ҳазрати Луқмони Ҳаким ўғлига деди: “Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Роҳманни рози қилган бўлади. Ким ота-онасининг ғазабига учраган бўлса, Роҳманнинг ғазабини чиқарган бўлади. Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан бир эшикдир. Агар рози бўлсалар, Жабборга бориш бор. Агар аччиқлари чиқса, ёпилиб қолиши бор”
Ўткан улуғ зотлардан Бобораҳим Машраб хазратлари ота- онаниг мақоми нақаадар улуғ эканлигини билдириб, шундай байтларни айтган:
Дини имонинг билан урсанг бу йўлда дасту по,
Зўри бозинг бирла этсанг ўттиз уч минг хонақо,
Осмондин тушса Исо, қилса ҳаққингга дуо
Муршидинг Хизри замон бўлса, бўлолмас раҳнамо,
То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени.
Яъни: Эй фарзанд иймон эътиқод билан қанча ибодат қилсанг хам, молу дунёинг билан ўттиз уч минг масжид-у хонақо барпо қилсанг хам, Қиёматга яқин осмондан Исо (а.с) тушиб, сени ҳаққингга дуо қилса хам, ҳатто пир-у муршидинг Хизри замон бўлса хам Отанг сендан рози эмас экан. Сени тавбанг қабул эмасдир.
Ота-оналаримизнинг борлиги биз учун катта давлат. Улар хонадонларимизни кўрки, уйларимизнинг фаришталари. Хонадонларимизга Аллоҳ таолони раҳмат-у барокотларини ёғилишини сабабларидир. Аллоҳ таоло ота-оналаримизни умрлармга, ризқлармга барака берсин. Вафот этканларини охиратларини обод қилсин.
“Мирза Холиқ Ота” жоме масжиди имоми М. Хожиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  01 Mart 2017, 06:51:21

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДАДУР.
Бу дунёда барчаларимиз учун энг қадрди, атрофимиздагилардан кўра меҳрибонроқ, ҳақиқатни рўй-рост айтадиган дўст, яхши кунимизда биз билан бирга қувнайдиган, ёмон кунларда биздан ҳам зиёдроқ ташвишланадиган зотлар, албатта бу бизларнинг ота-оналаримиздир.
Аллоҳ таоло мана шу зотлар ҳақида биз мусулмонларга буйруқларидан бирини буюриб шундай дейди:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ѐқимли сўз айт!” Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”. (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Фарзанд ота – онасини қанча хизматини қилса хам, шунча оздир. Шунингдек ота-оналардан онага булган эҳтиром ўзгача хисобланади. Чунки она фарзандини улғайиб, камол топишида енг кўп мехнат қилган инсондир.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай марҳамат қилган:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”. (Луқмон сураси 14-оят).
Демак, фарзандаларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидойилик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор, хор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким яхшилик қилишимга ҳақлироқ?» деди. «Онанг», дедилар. «Сўнгра ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Сўнгра ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Сўнгра ким?» деди. «Отанг», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Уламолар ушбу ҳадисдан шундай фойдалар олганлар: фарзанд учун аввало онанинг ҳаққи отаникидан кўра уч баравар ортиқ эканлиги. Иккинчидан онанинг норози бўлиши ёки оқ қилиши отанинг норозилигидан ёки оқ қилишидан кўра Худога яқинроқ эканлиги.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси шарифда оналарнинг муқаддас аёл эканини билдириб: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди. Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. «Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Ривоят қилишларича: Абу Жунайд Бағдодийнинг ҳузурига бир кампир фарзанди Рум урушида кофирларга асир тушиб қолганини айтиб йиғлади ва фарзанди учун дуо сўради. Шайх сабрга чақириб, Аллоҳ насиб қилса қайтиб келишини айтиб тасалли берди. Бир неча кундан сўнг кампир яна келиб йиғлади. Охири шайх сукунатга кетиб, муштипар онанинг фарзанди ҳақида қилган дуоси ижобат бўлишини сўраб илтижо қилди.
‒ Эй онахон, энди уйингизга боринг. Худо хоҳласа ўғлингиз қайтиб келади, ‒ деди.
Айни ўша пайтда ўғилни душманлар қўл-оёғида кишанлар билан асирлар қаторида олиб келаётган эди. Бир маҳал занжирлар ўз-ўзидан ечилиб кетди. Қайта занжирлашган эди яна шу ҳолат такрорланди. Йигитни подшоҳнинг ҳузурига олиб боришди. Подшоҳ  ҳам воқеани ўз кўзи билан кўрди ва аъёнларидан бу ҳолатнинг сабабини сўради. Улар ўзаро машварат қилишгач каттароғи йигитдан сўради:
‒  Сенинг ота-онанг борми?
‒  Онам бор, жавоб берди йигит.
‒  Онанг сендан розими?
‒ Ҳа албатта, рози. Хизматини яхши қилганман. Ортимдан ҳам дуо қилиб қолган.
‒ Шоҳим, бу йигитни тезда қўйиб юбормоқ керак. Бўлмаса, қўрқарманки, онасининг дуолари билан юртимиз вайрон бўлмаса деб, ‒ жавоб берди аъён.
Аллоҳ таоло барчаларимизни оналаримизни эъзозлайдиган, хизматларини қилиб дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган солиҳ бандаларидан бўлмоғимизни насиб қилсин.
“Муҳаммад Солиҳ ҳожи” жомеъ масжиди ноиби Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  08 Mart 2017, 16:39:00

ДЎСТЛИК ХАҚИДА.
Ҳалқимиз “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона хам. Дўст қадам қўймас экан, вайронадур кошона хам” – дея бежизга айтмаган. Дўсти кўп инсонларни, дўстлари яхши ёмон кунида хеч қачон ёлгизланиб қўймайдилар. Шунингдек солиҳ, яхши дўстлар доимо бир бирларига кўмакдош ва суянчиқ бўладилар.
Бу хақда ҳадиси шарифларда “Мўмин киши дўстликда, меҳрибонликда ва биродарчиликда худди бир жасадга ўхшайди. Агар жасаднинг бир аъзоси шикоят қилса, бошқалари ҳам унга иситма ва бедорлик билан ҳамдард бўлишади”.
Донишмандлар кишини ҳаётда саодатманд бўлиши учун аввало уни ёнидаги дўстлари ва қадрдон инсонлари яхши инсонлар бўлишлигини тавсия қиладилар. Бу тавсия Пайғамбаримиз (с.а.в) ушбу ҳадисларида ўз тасдиғини топади. Ҳадисларда “Киши Машҳаргоҳга дўстининг динида келади, бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин” – дейилади.
Дўстлик деганда фақатгина синфдошлик ёки тенгдошлик емас, балки барча катта кичик инсонлар билан яхши муомала ва дўстона муносабатда бўлишликда хам бўлади.
Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қиладилар, Пайғамбаримиз (с.а.в) “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди бошига  бир машаққат тушганда уни ташлаб ҳам кетмайди. Кимики биродарининг ҳожатини раво қилиш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилиш учун ҳаракат қилади. Бир мусулмон мусулмон биродарининг бошига тушган қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло уни қиёматдаги қийинчиликларидан қутултиради. Кимики бир мусулмоннинг айбини ёпса, Худои таборак ва таоло ҳам қиёматда унинг айбини ёпади.” – деганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди», деганлар.
Бу ҳадисда дўстни дўстида молиявий ҳаққи бор экани маълум бўлади.
Ҳикоя қилишларича: Бир куни бир киши пулга муҳтож бўлиб дўстининг уйига келди-да муродини айтди. Дўсти уйига таклиф қилган эди, хижолатлиги туфайли дўстининг таклифини қабул қилмади, уйига кирмади. Дўсти ичкари кириб айтилган пулни олиб чиқиб бериб, биродарининг кўнглини кўтарадиган, хижолатликдан холи қиладиган яхши сўзларини айтди. Муддаоси ҳосил бўлган киши изига қайтгач, дўст уйига кирди-ю, йиғлай бошлади. Хотини  “эрим кўпроқ пул бериб юбориб, ачиниб йиғлаяпти шекилли”,- деган хаёлда “Бирор нарсани баҳона қилиб пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди, энди пушаймонлигингиздан нима фойда?” –  деб таъна қилди.
Шунда дўст деди-ки: “Йиғлаётганим сабаби сен ўйлаганча эмас, мени ғафлат босибди, дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмабман. У келиб сўрамасидан олдин ўзим бориб, мушкулини осон қилишим керак эди” - деган экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дўстлигимизни бардавом қилиб, оқибатларимизни бунданда мустахкам айласин.
“Муҳаммад Солиҳ  Ҳожи” жомеъ масжиди ноиби Ж. Парпиев.


Qayd etilgan


okahon.8800  08 Mart 2017, 16:41:03

ДЎСТЛИК ҚАДРИ.
Аллоҳ таоло барча инсонларни бир ота – онадан, яъни Одам Ато ва Момо Ҳавводан яратди. Мана шу туфайли Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари бир-бировларига оға-ини бўлишди. Парвардигори олам бани Одамни шу зайлда яратиб, инсонлар бир-бирини тушунсин, бир-бирига ёрдам берсин, аҳил яшасин деб яратди. Шунинг учун Аллоҳнинг динида у инсон қандай ирққа мансуб бўлмасин, қайси рангда бўлмасин, тили маскани фарқи йўқ. Ҳамма бир ота-онадан, ҳамма бир динда эътиқод қилади, демак буларнинг барчаси оға-ини биродардирлар.
Қурони каримда “Албатта мўминлар биродардирлар” - дейидади.
Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло деди: “Менинг ризолигим учун севишганлар, ака-ука тутинганлар ва ўтириб суҳбат қурганлар ва бир-бирларига ёрдам берганлар ва бир-бирларини зиёрат қилганлар Менинг севгимни қозонгайлар”.
Ҳақиқий дўст дегани Аллоҳ учун бир-бировини севади, қиёматлик ака-ука тутинади, ўтириб дунё матоҳини эмас, балки Аллоҳнинг зикрини, ораларидаги муаммолар ечимини гаприб суҳбат қилишади ёки қандай қилиб оғайнисига ёрдам бериш мумкинлигини машварат қилишади. 
Донишмандлар айтадилар:  Дўстлар икки хил бўлади.  Биринчилари – ўз ихтиёрлари билан самимий дўст бўлганлар. Иккинчилари – мажбурият ва зарурият юзасидан дўст бўлганлардир. Буларнинг мақсади фойда кўрмоқ ва зарардан қочмоқдир. Лекин Аллоҳ йўлида, садоқатли дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади.
Донишмандлардан бири шундай деган экан: - Дўстнинг ҳақиқийсини билмоқчи бўлсанг, синаш учун унга тилингда ғазаб қилиб ёки қовоғингни солиб кўр. Дўстинг сенга қанчалик муҳаббати борлигини билмоқчи бўлсанг, унинг энг яхши кўрган нарсасини сўра. Шу иккаласидан сўнг ҳам у қовоғини солмаса, бундай дўстни бошга кўтариш, ширин жон билан баробар тутиш керак.
Бир одамнинг қадрдон уч дўсти бор экан. Тақдир тақозоси билан у одамнинг уч дўсти ҳам учта бошқа-бошқа шаҳарда яшар эди. У дўстларининг садоқатини синамоқни хаёл қилди. Аввал бирига хизматкорини жўнатди. Хизматкор хожасининг иши юришмай, қарзга ботганини айтди. Дўст уни юпатиб, у айтган қарзни тўлашга етгулик миқдордаги пулни бериб, изига қайтарди. Синовчи дўст биродарининг бу карамидан қувониб, хизматкорини иккинчи шаҳарга жўнатди. Иккинчи шаҳардаги киши ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб ғоят қайғурди. Эртасига хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йил давомида тирикчиликка асқотадиган маблағ бериб жўнатди. Синовчи дўст бундан ҳам қувонди, шундай дўстлар берганига Аллоҳга шукрлар қилди. Учинчи шаҳарга жўнатишдан олдин хизматкорга қаттиқ тайинлади: “Бу дўстим бадавлат эмас, ўзи олим одам. Унда илмдан бошқа нарса йўқ. Шу сабабли “хўжайинимнинг аҳволи хароб, катта қарзга ботган”, деб ваҳима қилма. “Ишлари ёмон эмас, фақат беш тангагина қарзлари бор, Худо хоҳласа яқин кунларда қарздан қутилиб, ишлари авж олиб кетади”, - дегин.
Хизматкор олим дўст ҳузурига бориб хожасининг буюрганини билдирди. Олим дўст бу хабарни эшитиб, бошини эгди. Сўнг ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Хизматкор ўтирган уйига назар солди: йиртиқ палосу эски кўрпачадан бошқа ҳеч вақо йўқ экан. “Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир”, деб ўтирганида уйга нотаниш одам кирди-да: “Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан?” – деб сўради.
-   Ҳа, - деб жавоб берди хизматкор.
-   Мана сенга беш танга, буни шу уй эгаси бериб юборди.
-   Ўзлари қанилар?
-   Ўзи меникида. У қул бозорида ўзини менга беш тангага сотди.
Бу гапдан хизматкор ҳам ажабланди ҳам даҳшатга тушди. Қулдорга эргашиб унинг уйига борди ва олим дўст қаршисида тиз чўкиб:
-   Ундай қилманг, пулни қайтариб берайлик, - деб ялинди.
Мен бу одам билан шартлашиб, беш танга эвазига беш йил ишлаб беришга ваъда берганман. Ваъдамга хилоф қила олмайман. Дўстимни муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш мен учун ҳеч гап эмас, - деган экан олим дўст.
Хўжаназар Ҳувайдо шундай байтларни айтганлар:
Яхшини оёғини остида ўлсанг ор эмас,
Тўтиёу тожисар қилсин ёмон даркор эмас.
Ўлгунча яхши билан ўлтиргину бўл ҳамнафас,
Яхшидан, эй дўстлар, ҳаргиз кўнгил озор эмас.
Яхши бўлмайдир, ёмон ҳар чанд насиҳат айласанг,
Яхшига панду насиҳат айламак даркор эмас.
   Аллоҳ таоло барчаларимизни дўстларимиз ила дўстлигимизни мустахкам ва бардавом бўлишини насиб қилсин.
“Мирза Холиқ Ота” жомеъ масжиди имоми М. Хожиев.

Qayd etilgan