Дуо ҳақида
Одам фарзанди бошига мушкул тушиб, тангликдан чиқиш йўлини топа олмай қолганда яратган тангрисига дуолар қилади, тазарруъ қилади ва ялиниб ёлборади. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким тўла ёрдам бера олмайди.
Ҳаётдан маълумки, дуо қилиш нафақат мусулмонларда, балки барча динларда бор. Ҳатто ботил динларга эргашганларнинг эътиқодларида ҳам дуо олдинги ўринда туради.
Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам бериши жумласидандир. Имом Ибн Можа «Сунан» китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, Ул зот ундан ғазабланади»-деганлар.
Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабидан дуо қилишга амр қилгандир:
1-Вужуд (борлиги). Чунки, йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
2-Ғанийлиги (бойлиги). Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
3-Эшитувчилиги. Чунки, карга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
4-Карам (саҳийлик). Чунки, бахилга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
5-Раҳмат. Чунки, раҳмсизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
6- Қудрат. Чунки, ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди. (манба:
http://old.islom.uz/content/view/1247/191/)
Жазирий ўз асарларида дуолар қабул бўлишининг қуйидаги шартларини зикр қилганлар:
1. Ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги лозим.
2. Дуо пайтида ихлосли бўлиши зарур.
3. Мусулмонларга қарши бўлмаслиги керак.
4. Кийимлари ғоят тоза бўлиши даркор.
5. Таҳоратли бўлиши лозим.
6. Қиблага юзланган ҳолда қилиши зарур.
7. Тиз чўниб ўтирган ҳолда дуо қилсин.
8. Аввал нафл намози ўқимоғи даркор.
9. Хайр-эҳсонлар қилиши керак.
10. Камбағаллар ва илм толибларини хурсанд қилсин.
11. Дуони Аллоҳ таолога ҳамд-санолар билан бошламоғи лозим.
12. Ҳазрати пайғамбаримизга, барча набийларга, асҳоби киромга саловот-дурудлар айтмоғи зарур.
13. Энг афзал саловот-намоздаги «Аллоҳумма солли», «Аллоҳумма барик » ни қанча кўп ўқиса, дуоси шунча тез қабул бўлади.
14. Қўлларини кўкси баробар кўтариб, ҳовучларини очиб, кафтларини бирлаштириб дуо қилмоғи даркор.
15. Дуо одобига риоя қилмоғи керак.
16. Аллоҳ таолога хушуъ ва хузуъ билан ёлбормоғи лозим.
17. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари (Асмаи ҳусна) ни ўқиб, тилагини тиламоғи зарур.
18. Ҳафиф (мулойим) овоз билан Аллоҳ таолога ёлбормоғи керак.
19. Гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳдан афв ва мағфират сўраши даркор.
20. Пайғамбарлардан ворид бўлган саҳиҳ дуоларни ўқимоғи лозим.
21. Дуоларни такрор-такрор айтмоғи зарур.
22. Тилагини қалб ҳузури билан сўрасин.
23. Дуосини ҳамду-сано ва саловоту дурудлар билан якунламоғи керак.
24. Қўлларини дуодан сўнг юзига суртсин.
25. Ва дуосини қабул бўлишини умид қилмоғи даркор.
Ҳусанбой Сотволдиев. Асака туманидаги Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби