Фатво бериш ҳақида
Фатов бериш масъулияти жуда ҳам оғир. Ҳар ҳандай шаръий ҳукм ҳақида пухта илмга эга бўлмасдан туриб унинг ҳукми ҳақида шахсий фикрни аралаштирмаслик керак. Лекин кўпчилик лим йўлига қўшилиб қолганлар аниқ ва тиниқ билмаган нарсаларига жавоб излаб, турли ўшанга ўхшаш фатволардан қиёс олишади. Киши китобда аниқ кўрмаган нарсаси ҳақида, яхшиси, билмайман дейишлигидан бошқа ҳеч қандай чора йўқ.
Оддий мисол келтирамиз, ҳозирги замон автомобилларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам давриларидаги уловларга қиёс қилиши учун ўша қиёсни китобда кўрган бўлишимиз шарт! Ўзимизча у ҳам минилади, бу ҳам минилади демаслигмиз керак.
Савол туғилиши табиий – замон тараққийлашган сари саодат асрида бўлмаган нарсалар пайдо бўлаверади. Биз нима дейишимиз керак, деган савол пайдо бўлади. Ҳа, Ислом ҳар замон ва ҳар маконга жавоб бера олади, лекин ўша фатвони айтгувчи уламолар бор. Уларнинг билим савиялари шунга муносиб. Ўшалар айтади. Биз, яъни тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини мукаммал эгаллай олмаган кишилар ўшаларга эргашамиз. Биров биздан савол берса айнан ўшаларнинг жавобларини айтишимиз кифоя.
Фатво ҳақида Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳнинг “Бўстонул орифийн” китобидан иқтибослар келтирамиз (www.зиёуз.cом кутубхонаси):
Баъзи инсонлар фатво беришни макруҳ санашди.
Илм аҳлининг оммаси, агар фатво берувчи фатво беришга салоҳиятли бўлса, жоиз дейишган. Аввалги тоифанинг ҳужжати Набийдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: "Сизларнинг дўзахга журъатлиларингиз фатвога журъатлиларингиздир".
Салмон Форсийдан одамлар фатво сўра шганида: "Бу сизларга яхши, менга ёмон", деганлар.
Абдураҳмон ибн Абу Лайло айтадилар: "Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобидан юз йигирматасини кўрдим. Уларнинг муҳаддиси ҳам, муфтийи ҳам ўзидан кўра, биродари ҳадис айтиб, фатво беришини истарди".
Ибн Сийрин айтадилар: "Ҳузайфа ибн Ямон: "Учта киши инсонларга фатво беради. Қуроннинг насх бўлган оятларини биладиган киши, ёки чорасиз қолган амир, ёки фатво сўралган аҳмоқ", дедилар".
Ибн Сийриндан бирон нарса ҳақида сўралса: "Мен (бу) аввалги иккаласи ҳам эмасман, учинчи бўлишни ҳам ёмон кўраман", деб қўяр эдилар.
Фатво беришни мубоҳ деганларнинг ҳужжати Абу Ҳурайра, Зайд ибн Маъбадлар айтган ушбу ҳадисдир: Улфа айтадиларки: "Биз Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида эдик. Бир киши туриб:
"Аллоҳ сизни мақтасин, бизнинг орамизда Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қилинг", деди. Унинг хасми (адоватчиси) туриб – у ундан фақиҳроқ эди:
"У рост гапирди, бизнинг орамизни Аллоҳ таолонинг китоби билан ҳукм қилинг, менга изн берсангиз, айтаман", деди. Набий унга рухсат бердилар. У киши айтди:
"Менинг ўғлим бу кишига хизматчи эди. Ўғлим унинг аёли билан зино қилди. Унга юзта қўй ва бир хизматчини фидя бердим. Сўнг илм аҳлидан бу ҳақда сўраганимда, ўғлим зиммасига юз дарра ва бир йил сургун, унинг аёли зиммасида ражм (тошбўрон қилиниш ) борлигини айтишди", деди"...
Бу ҳадисда фатво беришнинг жоизлигига далил бор. Чунки у киши: "Илм аҳлидан сўрадим, улар менга хабар бердилар", деб айтганида Расулуллоҳ инкор қилмадилар. Яна ўйлаб кўр, бу хабарда фатво беришнинг жоизлигига бошқа бир далил ҳам бор. Гарчи бошқа билимлироғи бўлса ҳам, улар фатво беришяпти ва Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида фатво беришяпти! Қуйидаги ҳадис Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу): У кишидан туяқушнинг тухумини синдириб қўйган муҳрим (эҳромдаги киши) ҳақида сўрашганида, ҳар бир тухумга туянинг боласини қурбонлик қилишни буюрдилар. Сўраган киши Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб, буни хабар берганида, Расулуллоҳ унга:
"Алидан эшитганинг эшитганинг. Лекин шошил. Ҳар бир тухум учун бир мискинга таом беришинг вожиб", дедилар.
Абу Ҳурайрадан денгиз ҳайвонини овлаб сўйилса, эҳромли киши уни еса, ҳалолми, деб сўрашганида, жоиз, деб айтганлар. Абу Ҳурайра Умарга бу ҳақда хабар берганларида, у зот:
"Агар бундан бошқасини айтганингда, сени фалон-фалон қилардим", деганлар. Чунки саҳобалар воқеаларга ҳадислар билан фатво берардилар. Шундай қилиб, фатво беришни мусулмонлар мерос қилиб олганлар. Чунки Аллоҳ таоло:
"Бас, агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар!" (Анбиё,7), деб айтган.
Аллоҳ таоло жоҳил (билмайдиган) кишиларга уламолардан сўрашга буюрган бўлса, уламоларга ҳам сўралган нарсаларининг хабарини беришни амр этгандир.
Ҳикоя қилинишича, бир тўп одам учта оқилнинг қайси бири ақллироқ эканини билмоқчи бўлишди. Хулоса шу бўлдики, инсонларнинг энг ақллиси билган нарсасини гапирадиган киши экан.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки соҳиби (Абу Юсуф ва Муҳаммад) сўзларини, улар қаердан гапирганини билган ва инсонларнинг муомалаларини ўрганган кишигина фатво берса, дуруст бўлади. Агар киши уламоларнинг сўзларини ўргангану, инсонларнинг муомалалари ва мазҳабларини ўрганмаган бўлса, бир масала ҳақида сўралганида, одамларнинг мазҳабларини ўзлаш тирган уламолар бу масалага иттифоқ қилганини билса, бу мумкин, бу мумкинмас, деб айтса, унинг сўзи ҳикоя тариқасида бўлиб, зарари йўқ. Агар уламолар ихтилоф қилган масала бўлса, бу фалончининг қавлида жоиз, деб айтишида ҳам зарар йўқ. У ўзича бир сўзни ихтиёр қилиши мумкинмас. Уламоларнинг ҳужжатларини билмаса ҳам, уларнинг фатволари билан жавоб беради.
Сотволдиев Ҳусанбой. Асака туманидаги Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби