Мурувват ҳақида
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Ким инсонларга зулм қилмасдан, уларга ёлғон гапирмасдан, ваъда бериб, хилоф қилмасдан муомалада бўлса, у муруввати гапириладиган кишилардан бўлади, адолати кўринади, уни биродар тутиш вожиб, ғийбат қилиш ҳаром бўлади", дедилар.
Ибн Зайёд улуғларнинг биридан:
"Сизларда мурувват нима?" деб сўради. У:
"Тўртта хислат,– деди. – Биринчи, киши гуноҳдан узоқлашиши лозим, чунки гуноҳкор бўлса, хор бўлади, муруввати бўлмайди. Иккинчи, ўзида бор молини ислоҳ этиши, фасод қилмаслиги лозим, уни фасод қилса ва бошқанинг молига муҳтож бўлса, унинг муруввати бўлмайди. Учинчи, аҳлига улар муҳтож бўладиган нарсани ҳозирлаб қўйиши лозим, чунки кимнинг аҳли аёли инсонларга муҳтож бўлса, унинг муруввати бўлмайди. Тўртинчи, ўзига мос келадиган таом ва шаробга аҳамият бериши ва ўшандан истеъмол қилиши лозим. Ўзига мос бўлмаган таомни танаввул қилса, муруввати нуқсонли бўлади".
Қайс ибн Собит ибн Саидадан ривоят қилинади. У Қайсарнинг олдига келиб турарди. Қайсар унга:
"Оқилнинг афзали нима?" деди. У:
"Киши ўз нафсини билиши", деб жавоб қилди.
"Илмнинг афзали нима?" деб сўради. "Билмаган вақтида тек туриш", деди. "Мурувват нима?" деб сўради.
"Киши юзининг сувини сақлаб қолиши", деди.
"Молнинг афзали нима?" деб сўради.
"Ҳаққи адо қилингани", деди.
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: Сартарошга мўйлабларини қисқартириб бир дирҳам бердилар. Бу ҳақда сўрашганларида:
"Торлик – зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади", дедилар. У киши майда чақалар устида гапираётган кишини кўрсалар:
"Аллоҳ майда чақани лаънатласин, ким шунинг учун гапирса, муруввати бўлмайди. Кимнинг муруввати бўлмаса, дини ҳам бўлмайди", дедилар.
Яна айтди:
"Тўртта нарса кишининг мурувватидан: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши", дедилар.
Умар (розияллоҳу анҳу):
"Мен қачон араблар ҳалок бўлишини биламан", дедилар.
«Эй амирул мўминин, қачон ҳалок бўлади?" дейишди.
"Уларни исломий тақвоси ва жоҳилият саховати бўлмаган киши бошқарса", дедилар.
Ҳукамоларнинг баъзиси айтади: "Комил мурувват икки нарсада: инсонларда бўлган нарсадан тийилиш ва улардан содир бўлган нарсани кечириш". (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Ибратли ҳикоя:
Эр ва хотин ўттиз йил бирга ҳаёт кечирди. Ўттиз йиллик ҳаёти давомида аёл ҳар куни эрталаб ширмон нон ёпар эди. Ширмоннинг чекка қисми ёғли бўлганлигидан бу эримга муносиброқ, деган фикрда доимо ўрта қисмини олиб қолиб, чеккасини эрига тақдим қилар эди. Ўттиз йил давомида шу одат тарк этимади. Мана энди ўттиз йил бахтли ҳайт кечирганларининг тонгида аёл одатдагидек ширмоннинг ўртасидан кесиб, икки қисмига ҳам сариёғ суртди-да, ноннинг ёғли қисмини эрига бераётганда бирдан ўйланиб қолди:
“Бирга яшаганимга ўттиз йил бўлдт. Шу давр мобайнида ширмой ноннинг мен яхши кўрадиган седанали, қизариб пишган тепа қисмини ўзим ейишни хоҳлаб турсам-да, эримнинг ҳурматидан истагимдан воз кечдим. Шу кунгача эрим учун намунали аёл бўлдим, солиҳ фарзандларни тарбия қилдим, қариндошларни иззат, дўстларини ҳурмат қилиб келдим. Вафодор, яхши бека бўлиб, уй-хўжалик ишларига қарадим, оиламиз учун қанча-қанча куч ва соғлиғимни сарф қилдим. Ҳозир эсимга келмаётган бўлса ҳам, яна кўплаб яхши ишларни қилган эдим. Мана энди ширмой ноннинг тепа қисмини ейишга менинг ҳам ҳаққим бордир”.
Шундай қилиб ўттиз йиллик анъанани бузиб, ширмой ноннинг ўрта қисмини эрига узатди. Ўзининг беодоблигидан бир оз хижолат ҳам бўлди. Бироқ нафс устун келди. Аммо кутилмаганда эр қувониб, юзлари ёришиб, аёлига табассум ҳадя қилди ва:
- Азизам! Бугун менга қимматбаҳо совға тақдим этдинг. Буни қарагин, мен ширмой ноннинг ўрта қисмини яхши кўрар эдим. Ўзим чхши кўрган қисмини емаганимга ҳам ўттиз йил бўлди. Бу қисмини ҳар эрта ейишни хоҳлар эдим, лекин ширмой ноннинг ширин бўлган ўрта қисми сенинг ҳаққинг бўлганлиги ва мен сенга ҳар доим яхшисини илинганим учун буни айтишга, сўрашга ботина олмас эдим. Мана бугун ажойиб кун бўлди!
Аёл юзлари қизара ерга қаради. Эрининг фандоқ ҳам мурувватга тўла инсон эканини ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ ҳис қилди. Аллоҳ таоло шундай инсонни унинг тақдирига битиб қўйганидан бутун вужуди шукрона туйғусига тўлди.
Исомиддин Сайфуллаев. Асака туманидаги Имом Муҳаммад жомеъ масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев