ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК
Эрталабда ўз уйимизда, оила аъзоларимиз ҳузурида хотиржам нонушта қилиб, ҳеч қандай ҳадиксиз бемалол, шошилмай ишимизга борамиз. Ишхонада эса ҳамкасабалар билан бамайлихотир енгилгина гурунглашиб олиб ўз ишларимизга шўнғиб кетамиз. Қалбимизда яна хотиржамлик. Тез - тез соатимизга қараб қўямиз – тушликка оз қолдимикин, деб. Айниқса тушликдан қайтишда яна ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб кетамиз. Режамиздаги вазифаларимизни адо қила олсак кечга яқин қайтамиз, бўлмаса уйга қўнғироқ қилиб кечроқ қайтишимиз ҳақида огоҳлантириб қўямиз. Шу билан уйдагилар ҳам хавотир олмай ўтирсин деймиз. Дарҳақиқат, оила аъзоларимиз ҳам бундай кеч қолишларга кўникканидан кечки таомдан бизга яраша насибани ажратиб қўйиб бемалол овқатланиб, керак бўлса телевизор кўриб, бўлмаса бошқа юмуши билан машғул бўлиб, келгунимизча кутиб турадилар.
Юқорида биз зикр қилган ҳолат доимийлиги учун кўнкиб кетганмиз. Шунинг учун ҳам бу осудаликнинг асл сабаби нимадилигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз, бу тўғрида фикрлашни хаёлимизга келтирмаймиз ҳам. Аммо бир оз тафаккур қилиб кўрсак, биламизки, бу осудалик боиси – Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, тинчлик, омонлик ва хотиржамликнинг ўзи эмасми?
Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англагайлар.
Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.
Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она Ватанимиз бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғингиздами, юртимизнинг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?
Бу бебаҳо неъматнинг улуғлигиданки, ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида қайта - қайта таъкидлаганлар.
وعن أنس أن رجلا جاء إلى النبي صلى الله عليه وسلم فقال يا رسول الله أي الدعاء أفضل ؟ قال سل ربك العافية والمعافاة في الدنيا والآخرة ثم أتاه في اليوم الثاني فقال يا رسول الله أي الدعاء أفضل ؟ فقال له مثل ذلك ثم أتاه في اليوم الثالث فقال له مثل ذلك قال فإذا أعطيت العافية والمعافاة في الدنيا والآخرة فقد أفلحت . رواه الترمذي وابن ماجه وقال الترمذي هذا حديث حسن غريب إسنادا .
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
‒ Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.
– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам.
Иккинчи куни келиб яна:
– Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.
– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар яна.
Учинчи куни келиб яна:
– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, дуоларнинг қай бири афзалроқ? – деб сўради.
– Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўрайвер. Бас қачонки сенга дунё ва охиратда афв ва офият берилса, батаҳқиқ нажот топибсан – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам. ( ибн Можа ва Термизий ривоят қилган, ҳасан деган. Лафз ибн Можаники)
Бугунги кунда қай бир жабҳага қараманг, Яратган Эгамнинг биз бандаларга Ўзининг неъматларини тўкин-сочин қилиб берганини кўрасиз. Дастурхонлардаги нозу-неъматларни қарияларимиз таъбири билан айтганда “Фалончи бойлар ҳам кўрмаган”. Ибодатдаги эркинликни фақатгина худосиз жамиятни кўриб ўтганларгина яхши англайдилар. Оммавий матбуот ва минбарлардан туриб имон-эътиқодларимиз ҳақида, ўзлигимиз ҳақида баралла айтилиши, бу – билган одамга жуда ҳам катта неъмат эмасми?
Ариқларимиздан шилдираб оқаётган зилол сувлар эса бошқа юртларда эртаклардаги манзаралар каби. Айниқса бу йилги санада сувнинг сероб бўлиши деҳқончиликларга анчагина таъсир қилди. Ҳамма ёқ мўл-кўл бўлиб кетди. Қиш фасли кириб келган бўлишига қарамай, тўйларимизнинг кети узилмаётгани ҳам шунга далолат қилмайдими?
Албатта, тўйларнинг кўпайиши халқимизнинг чўнтагида сармояси борлигидан эканлиги ҳам рост, аммо яна бир улкан неъмат – ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИК неъмати борки, усиз юқоридаги неъматлар тотли бўлурми?
Хўш, оламларнинг Парвадигори бизларга шунча карам қилиб турган бўлса, бизлар нима қилмоғимиз лозим? Энди биз нима қилсак ҳам бу неъматларнинг охири бўлмайди деб, ғафлатда юриб, билганимизни қилаверишимиз керакми? Ёки шунча неъмат ичидан ҳам кам кўстини ахтариб топиб нолиб, хасрат қилишимиз керакми? Албатта соғлом фикрли ҳар қандай инсон шукр келтирмоғимиз лозим, деб жавоб беришига шубҳа йўқ. Шундагина, иншо-Аллоҳ, неъмат бардавом бўлажак.
Ҳақ субҳанаҳу ва таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُون
“Бас Мени эслангизлар, Мен ҳам сизларни эслагайман. Ва Менга шукр қилингизлар, куфрона қилмангизлар ”(152 - оят).
Ушбу ояти кариманинг тафсирига кўра Зайд ибн Асламдан ривоят қилинишича Мусо алайҳис салом Тангри таолодан:
– Эй Раббим, мен Сенга қандай қилиб шукр келтираман, – деб сўради. Аллоҳ азза ва жалла:
– Мени эслагин ва унутмагин. Қачонки Мени эсласанг, батаҳқиқ Менга шукр келтирган бўласан. Қачонки Мени унутсанг, демак, менга куфрона қилган бўласан.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Кимки Аллоҳни эсласа, Аллоҳ ҳам уни эслайди. Ким Унга шукрона қилса, яна зиёда қилиб беради. Ким Унга куфрона қилса азоблайди”. (Ибн Касир тафсиридан)
اللهم إني أسألك العفو والعافية في الدنيا والآخرة ربنا آتنا في الدنيا حسنة وفي الآخرة حسنة وقنا عذاب النار
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ.
Асака т. "Холид ибн Валид" жоме масжиди ходими