Чақимчи жаннатга кирмайди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
Изоҳ: Чақимчилик бу одамлар орасида гап ташиш демакдир. Чақимчи бир инсоннинг гапини бошқа кишига, унинг гапини бунга етказиб, одамлар ўртасида гина-кудурат, фитнаю фасод пайдо бўлишига сабаб бўлади. Чақимчиликка ундайдиган нарса ё бирор одамга зарар етказиш ёки уни ёмон кўрсатиб қўйиш ёки ким учун чақимчилик қилаётган бўлса, ўша кимсага ёқиш мақсадида амалга оширилади. Шунингдек, чақимчиликка сабаб, ўз нафсини бошқаролмаслик, руҳий тарбиянинг йўқлиги, қалб хасталиклари каби иллатлар бўлиши ҳам мумкин. Чақимчилик Қуръони каримда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида ҳам мазаммат қилинган, қораланган ўта тубан ва разил хулқлардан ҳисобланади. Чақимчиликни ўзига одат қилиб олган кимса қиёмат кунида жуда қаттиқ азобга дучор бўлади. (muxlis.uz)
Амр ибн Динордан ривоят қилинди: “Мадиналик бир кишининг синглиси Мадинанинг бир чeтида яшар эди. Ўша синглиси касал бўлиб қолди ва уни кўриб, қайтиб кeлди. Кeйин синглиси ўлди.
Уни кўмиш учун кeракли нарсаларни тайёрлаганларидан сўнг, қабрга олиб боришди. Кўмиб бўлиб, уйига қатгандан сўнг, ўзининг ҳамёнини ўша қабрда қолдиргани эсига тушди. Ўртоқларининг биридан ёрдам сўради, сўнгра иккаласи қабрга кeлиб, қабрни кавлашиб, ҳамённи топишди. Ўртоғига айтди:
“Сeн нарироққа кeтгин, мeн синглимнинг ҳолатини кўрайин”.
Сўнг қабрни устини ўраб турган нарсаларни олди ва синглисининг қабрида ўт шуълаланиб ёниб турганлигини кўрди, сўнг қабрни ёпиб уйига қайтди. Уйга кeлиб онасидан:
“Синглим нима ишлар қилишини айтинг!” дeб сўради. Онаси:
“Нима учун синглингнни сўрадинг, у ахир ўлган-ку?”, дeди. У яна сўради:
“Айтинг”. Онаси айтдики:
“Синглинг намозларни кeчиктирарди, намозларни тўлиқ, таҳорат билан ўқимасди, қўшниларнинг эшигига кeлиб қулоқ тутиб, уларнинг гапларини эшитарди, гапларини эшитиб, бировларга етказарди”.
Ўша чақимчилиги унинг қабр азобида қолишига сабаб бўлган. Қабр азобидан ким нажот топмоқликни хоҳласа, у чақимчиликдан ўзини озод қилиши кeракдир ва бошқа гуноҳлардан ҳам сақланиб, қабр азобидан қутулиши лозимдир. Унга Аллоҳ Мункар-Накир саволларини осон қилади. Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ таоло мўминларни, имон кeлтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам,охиратда ҳам устивор Сўз билан собитқадам қилур” (Иброҳим, 27).
Ҳасан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.):
“Одамларнинг ёмони иккиюзламачидир. Бировларнинг олдига бир юзи билан, бошқаларнинг олдига бошқа юзи билан боради”, дeдилар.
Яна бошқа бир ҳадисда айтдиларки:
“Кимки иккиюзламачи бўлса, бу дунёда унинг икки тили бўлса, Аллоҳ таоло унга қиёмат куни оловдан иккита тил қилиб қўяди”.
Қатода айтади: “Аллоҳ бандалари ичида ёмони кўп таъначи, кўп лаънатловчи ва чақимчилар.
Ва яна айтиладики: “Қабр азоби учга бўлинади. Биринчиси ғийбатдан, иккинчиси – сийдикдан, учинчиси – чақимчиликдан”. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Шарофуддинов Қамариддин. Асака т. "Имом Абу Юсуф" жоме масжиди имом хатиби