ЕТИМПАРВАРЛИК ХАЙРЛИ АМАЛ.
Муқаддас ислом дини таълимотларида инсонларни ўзаро бир бирлари билан яхши муносабатда бўлишга, ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшашга, ёрдамга мухтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишга чақирилган. Жумладан бева-бечоралар, етим-есирларга ёрдам беришни энг улуғ савобли ишлар қаторида саналган.
Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан жамиятимизда ҳар хил тақдирли, турли мавқеъдаги инсонларни яратди. Атрофимиздаги одамларга назар соладиган бўлсак, кимдир ўзига тўқ, кимдир ночор, яна кимдир бошида ота-онаси бор хешу ақраболари бисёр, аммо кимнингдир оила бошлиғи боқувчиси йўқ етим-есирдир.
Ислом дини молу дунёси етарли мусулмонларга ёрдамга муҳтож,заиф бўлган кишилар учун меҳрибон ва кенгбағрли бўлишга амр этади. Аллоҳ таоло Қуръони азим уш шаънда буюради: “Аммо етимга қаҳр қилмагин. Ва аммо «соил»га зажр қилма. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси 9-11 оятлар).
Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган қиз ва ўғил болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.
Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот: яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”
Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир ” . (Нисо сураси, 6-оят).
Ҳикоя қиладиларки: Саййидлардан бири Балхда истиқомат қилар эди. Унинг хотини ҳам саййидалар бўлиб, қизлари билан роҳат-фароғатда яшар эди. Кунлардан бир куни у вафот этди ва хотин-ю қизлари қийинчилик, фақирликка мубтало бўлишди. Душманларниг ичиқоралигидан қўрқиб, аёл қизларини олиб, бошқа шаҳарга равона бўлди. Унинг сафари қаттиқ совуққа тўғри келди.
Шаҳарга киргач, қизларини эски кишилардан холи масжидлардан бирига жойлаштириб, уларга егулик истаб йўлга тушди ва иккита жамоат олдидан ўтди. Бири мусулмон киши жамоати бўлиб, у шаҳар оқсоқоли эди. Иккинчиси мажусий киши бўлиб, у шаҳар нозири эди. Аёл дастлаб мусулмонга кишига ўз ҳолини баён қилиб: “Мен саййидаман. Етим қизларим бор. Улрани эски масжидлардан бирига жойлаштириб, шу кечага егулик истаб келувдим”, деди. У оқсоқол: “Ҳақиқий саййида эканлигингга ҳужжат келтир”, деди. Аёл: “Мен ғариб аёлман, бу шаҳарда ҳеч ким мени танимайди”, деган эди, ҳалиги мусулмон ундан юз ўгирди. Унинг ҳузуридан аёл қалби ўксиб узоқлашди.
Кейин мажусийнинг олдига бориб ҳолини баён қилди. Етим қизлари борилигини, ўзи олийнасаб, ғариб аёллигини ва мусулмон киши билан ўрталарида кечган суҳбатни сўзлаб берди. Мажусий уйига бориб хотинини ғариб аёлни қизлари билан ҳовлисига олиб келишга жўнатди. Келишгач, уларга мазали таомлар ва яхши либослар тортиқ қилди. Аёл ва қизлари мажусий хонадонида мўл-кўлчилик ва эҳтиром ичра тунаб қолдилар.
Тун ярим бўлгач, ҳалиги мусулмон киши тушида қиёмат қоим бўлганини кўрди. Пайғамбар с.а.в. тепаларига чодир қадалган эди. Шунда яшил зумраддан бино қилинган, айвонлари лаъл ва ёқутдан ишланган, маржон қуббали қасрга кўзи тушди. “Ё Расулуллоҳ, бу қаср кимга?” деб сўраган эди, у зот с.а.в.: “Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишига”, дея жавоб бердилар. “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишиман” деган эди, Расулуллоҳ с.а.в. унга жавобан: “Саййида аёл сенга мурожаат қилганда, унга: “Саййида эканингга ҳужжат келтир”, деган эдинг. Худди шундай сен ҳам менга мусулмон эканлигингга ҳужжат келтир”, дедилар.
Оқсоқол бева аёлни ноумид қайтарганидан маҳзун бўлиб уйғонди ва шаҳарни айланиб уни суриштира бошлади. Аёл мажусийникида экани маълум бўлгач, мажусийни чақиртриб келди-да, унга: “Сендан олийнасаб аёл ва қизларини меникига жўнатишингни хоҳлайман”, деди. У мажусий: “Бунинг сира иложи йўқ, чунки уларнинг баракотидан мен кўп яхшиликларга эришдим”, деди. “уларни менга топишр эвазига минг динор бераман”, деган эди, “Топширмайман”, деди. “Уларни менга бермасанг бўлмайди”, деган эди, у: “Сен хоҳлаётган нарсага мен ҳақдорроқман. Тушингда кўрган қаср мен учун яратилган. Мени Ислом даъват қиласанми? Аллоҳга қасамки, мен ва хонадон аҳлим – барчамиз кеча кечқурун олийнасаб аёл қўлида мусулмон бўлдик. Ухлаб, сен тушингда кўрган нарсани мен ҳам кўрдим. Расулуллоҳ с.а.в. мендан: “Саййида аёл ва қизлари сеникидами?” деб сўраганларида, “Ҳа Расулуллоҳ” дедим. “Қаср сенга ва хонадон аҳлига. Сен ва хонадонинг аҳли жаннат аҳлидандирсиз. Аллоҳ азза ва ажлла сен азалда мўмин қилиб яратган эди”, дедилар”, деди. Мусулмон қўлдан бойган имкониятдан надоматлар чекиб уйига қайтди.
Мухаммад Солеҳ хожи жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.