Одоб ва ахлоқ  ( 98138 marta o'qilgan) Chop etish

1 ... 10 11 12 13 14 15 16 17 B


okahon.8800  13 Mart 2019, 05:37:44

Ражаб ойини ғанимат билайлик.
Ражаб ойи – муқаддас Ислом динимизда Оллоҳ таолонинг муқаддас ва фазилатли қилиб қўйган ойларидан бири бўлиб, бу ой ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи, у  муҳаррам уруш ман этилган ойлардан саналади. Бу борада Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай марҳамат қилади.  “Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг сони – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир” (Тавба, 36).
Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан мурод: ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир, деганлар. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Ражаб ойини киришидан хурсанд бўлар эканлар. Ҳадиси шарифларда келтирилишича, “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни рамазон ойига етказгин), дея дуо қилар эканлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Ражаб ойи борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ражаб Аллоҳнинг ойидир. Кимики Аллоҳнинг ойини ҳурматласа Аллоҳ таоло уни бу дунёда ва охиратда улуғлайди” - дедилар.
Демак хар бир мўмин мусулмон инсон бу ойни ғанимат билиши ва бу ойдаги савоблардан махрум бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиши даркор. Чунки бу ойдаги озгина яҳши амал эвазига кўп ажру савоблар берилаши ва дуолар тезда ижобат бўлиши муқаррардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш  кеча  борки,  унда  дуолар  рад  этилмайди: ражаб ойининг  аввалги  кечаси; шаъбон ойининг  ярмидаги  кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
Аллоҳ таоло Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин барчаларимизга бу ойни ғанимат билиб кўплаб савобли амаллар ва ҳайрли ишлар қилиб Яратганнинг баракотига сазовор бўлишни насиб айласин.
Муҳаммадийхон Хожиев

Qayd etilgan


okahon.8800  13 Mart 2019, 14:53:55

   ЕТИМПАРВАРЛИК ХАЙРЛИ АМАЛ.
Муқаддас ислом дини таълимотларида инсонларни ўзаро бир бирлари билан яхши муносабатда бўлишга, ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшашга, ёрдамга мухтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишга чақирилган. Жумладан бева-бечоралар, етим-есирларга ёрдам беришни энг улуғ савобли ишлар қаторида саналган.
Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан жамиятимизда ҳар хил тақдирли, турли мавқеъдаги инсонларни яратди. Атрофимиздаги одамларга назар соладиган бўлсак, кимдир ўзига тўқ, кимдир ночор, яна кимдир бошида ота-онаси бор хешу ақраболари бисёр, аммо кимнингдир оила бошлиғи боқувчиси йўқ етим-есирдир.
Ислом дини молу дунёси етарли мусулмонларга ёрдамга муҳтож,заиф бўлган кишилар учун меҳрибон ва кенгбағрли бўлишга амр этади. Аллоҳ таоло Қуръони азим уш шаънда буюради: “Аммо етимга қаҳр қилмагин. Ва аммо «соил»га зажр қилма. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси 9-11 оятлар).
Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган қиз ва ўғил болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.
Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот: яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”
Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир ” . (Нисо сураси, 6-оят).
Ҳикоя қиладиларки: Саййидлардан бири Балхда истиқомат қилар эди. Унинг хотини ҳам саййидалар бўлиб, қизлари билан роҳат-фароғатда яшар эди. Кунлардан бир куни у вафот этди ва хотин-ю қизлари қийинчилик, фақирликка мубтало бўлишди. Душманларниг ичиқоралигидан қўрқиб, аёл қизларини олиб, бошқа шаҳарга равона бўлди. Унинг сафари қаттиқ совуққа тўғри келди.
 Шаҳарга киргач, қизларини эски кишилардан холи масжидлардан бирига жойлаштириб, уларга егулик истаб йўлга тушди ва иккита жамоат олдидан ўтди. Бири мусулмон киши жамоати бўлиб, у шаҳар оқсоқоли эди. Иккинчиси мажусий киши бўлиб, у шаҳар нозири эди. Аёл дастлаб мусулмонга кишига ўз ҳолини баён қилиб: “Мен саййидаман. Етим қизларим бор. Улрани эски масжидлардан бирига жойлаштириб, шу кечага егулик истаб келувдим”, деди. У оқсоқол: “Ҳақиқий саййида эканлигингга ҳужжат келтир”, деди. Аёл: “Мен ғариб аёлман, бу шаҳарда ҳеч ким мени танимайди”, деган эди, ҳалиги мусулмон ундан юз ўгирди. Унинг ҳузуридан аёл қалби ўксиб узоқлашди.
Кейин мажусийнинг олдига бориб ҳолини баён қилди. Етим қизлари борилигини, ўзи олийнасаб, ғариб аёллигини ва мусулмон киши билан ўрталарида кечган суҳбатни сўзлаб берди. Мажусий уйига бориб хотинини ғариб аёлни қизлари билан ҳовлисига олиб келишга жўнатди. Келишгач, уларга мазали таомлар ва яхши либослар тортиқ қилди. Аёл ва қизлари мажусий хонадонида мўл-кўлчилик ва эҳтиром ичра тунаб қолдилар.
Тун ярим бўлгач, ҳалиги мусулмон киши тушида қиёмат қоим бўлганини кўрди. Пайғамбар с.а.в. тепаларига чодир қадалган эди. Шунда яшил зумраддан бино қилинган, айвонлари лаъл ва ёқутдан ишланган, маржон қуббали қасрга кўзи тушди. “Ё Расулуллоҳ, бу қаср кимга?” деб сўраган эди, у зот с.а.в.: “Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишига”, дея жавоб бердилар. “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишиман” деган эди, Расулуллоҳ с.а.в. унга жавобан: “Саййида аёл сенга мурожаат қилганда, унга: “Саййида эканингга ҳужжат келтир”, деган эдинг. Худди шундай сен ҳам менга мусулмон эканлигингга ҳужжат келтир”, дедилар.
Оқсоқол бева аёлни ноумид қайтарганидан маҳзун бўлиб уйғонди ва шаҳарни айланиб уни суриштира бошлади. Аёл мажусийникида экани маълум бўлгач, мажусийни чақиртриб келди-да, унга: “Сендан олийнасаб аёл ва қизларини меникига жўнатишингни хоҳлайман”, деди. У мажусий: “Бунинг сира иложи йўқ, чунки уларнинг баракотидан мен кўп яхшиликларга эришдим”, деди. “уларни менга топишр эвазига минг динор бераман”, деган эди, “Топширмайман”, деди. “Уларни менга бермасанг бўлмайди”, деган эди, у: “Сен хоҳлаётган нарсага мен ҳақдорроқман. Тушингда кўрган қаср мен учун яратилган. Мени Ислом даъват қиласанми? Аллоҳга қасамки, мен ва хонадон аҳлим – барчамиз кеча кечқурун олийнасаб аёл қўлида мусулмон бўлдик. Ухлаб, сен тушингда кўрган нарсани мен ҳам кўрдим. Расулуллоҳ с.а.в. мендан: “Саййида аёл ва қизлари сеникидами?” деб сўраганларида, “Ҳа Расулуллоҳ” дедим. “Қаср сенга ва хонадон аҳлига. Сен ва хонадонинг аҳли жаннат аҳлидандирсиз. Аллоҳ азза ва ажлла сен азалда мўмин қилиб яратган эди”, дедилар”, деди. Мусулмон қўлдан бойган имкониятдан надоматлар чекиб уйига қайтди.
Мухаммад Солеҳ хожи жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  13 Mart 2019, 14:55:14

ХАЛОЛЛИКНИ ОДАТ ҚИЛАЙЛИК
Ҳалоллик дунёдаги энг олий фазилатлардандир. Динимиз таълимотларида хар бир мўмин мусулмон инсон ҳаётининг барча жабхаларида ҳалолликни ўзига лозим тутиш талаб қилинади. Хох бу ишлар савдо иши бўлсин, ўзаро қарз олди берди ишларида, ўзига юклатилган вазифани адо этишда ва хатто таомланиш ва сўзлашишликда хам ҳалол бўлсин ёлғон ғапирмасин.
Ҳалоллик борасида сўз кетганда энг аввало савдодаги ҳалоллик ва тўғрилик кўз олдимизга келади. Сабаби барчамиз ўз ишимиз ва юмушларимиз билан савдолашамиз албатта бу ишда ҳалоллик бўлмаса асло барака бўлмайди. Аллоҳ таоло Қурони каримда “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” – деб марҳамат қилади. (Нисо сураси, 29-оят).
Шунингдек савдода тарозининг тўғри бўлиши алохида ахамиятга эга. Бу борада Қуръон каримда шундай оятлар келади. “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми? Улуғ кунда (қиёматда) – Одамлар (бутун) оламлар парвардигори ҳузурида  (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифийн сураси, 1-6 оятлар).
Мусулмон инсон энг аввало хар бир ишида тўғриликни ўзига шиор қилиши керак. Зеро фирибгарлик ва алдов мўмин мусулмонга хос эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) бир  уюм  буғдойнинг  олдидан  ўтаётиб,  унинг ичига қўлларини тиққан эдилар, у  зотнинг  бармоқлари  ҳўл  буғдойга  тегди: Шунда  у  зот:  “Эй,  буғдой  эгаси  бу  нима?”  –  дедилар.  У  (сотувчи):  “Эй, Аллоҳнинг  расули,  бунга  ёмғир  теккан  эди”  –  деди.  У  зот:  “Буни  одамлар кўриб-билиши учун буғдойнинг устига қўймайсанми?!, ким алдаса, мендан эмас!” - дедилар. Имом Муслим ривоят қилган.
Шунга кўра, сотувчи харидорга савдо молидаги айбларни айтиб сотиши вожибдир. Айтмаслиги эса хиёнатдир.  Хамда бундай фирибгарлик йўли орқали топилган маблағ хам харом бўлади. Донишмандлар “ҳалол йўл билан топилган луқма инсонни камолотга эриштиради” дейдилар. Шунинг учун ҳам улуғлар бу борада ҳассос бўлганлар. “Оғизга кирган ҳар ҳалол луқма маънавий ҳисларни кучлантиради”, деганлар.
Аллоҳ таоло Қурони каримда “Эй  одамлар, ердаги ҳалол - пок нарсалардан тановул  қилингиз ва шайтоннинг  изларидан  эргашмангиз!  Албатта,  у  сизларга  аниқ душмандир”(Бақара сураси 168-оят).
Ушбу  ояти  каримада  шайтоннинг  изидан  эргашиш  ҳалол-пок  ризқларни ейишга  зид  қилиб  қўйилмокда.  Бундан  мурод  –  “Шайтоннинг  йўлида юрганларни  ҳалоллик  йўлидан  юришга  қўймайди",  деганидир.  Ўтган  аҳли солиҳларимиздан  Саҳл  ибн  Абдуллоҳ:  “Нажот  уч  нарсада  -  ҳалол  ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизн хар бир ишимизда ҳалоллик ва тўғриликни муваффақ айласин.
“Муҳаммад солиҳ ҳожи” жоме масжиди имоми Шерматов Ахмаджонқори.

Qayd etilgan


okahon.8800  13 Mart 2019, 15:36:45

ҲУСНИ ХУЛҚ - ИНСОН ЗИЙНАТИ.
Дунёда инсоният учун зийнат ва шараф бўладиган нарса албатта гўзал хулқ атвордир. Инсон  шу гўзал хулқ сабабли жамиятдаги барча инсонларни  хурмат,  иззат - икром қилган ҳолда уларга ҳушмуомалалик ила муомала қилади.
Аллоҳ таоло  Қуръони каримда: “Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар, Аллоҳ эса бой-беҳожатди ( бирор кимсага ва бирор бир  нарсага ҳеч қандай эҳтиёжи йўқдир ) ва ҳамдга лойиқ Зот фақат Удир!” (Фотир сураси 15-оят). Дархақиқат барчаларимиз хаётимиз мобайнида гўзал хулқ ва одоб билан одобланишга мухтож бўламиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси муборакаларида шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло кимнинг халқини ва хулқини, яъни суратини ва сийратини гўзал қилган бўлса, уни дўзах оловида ёқмайди”.
Бир куни бир киши Расулуллоҳ с.а.в. рўпараларига келиб:
-   Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб сўради.
-   Гўзал хулқ, - дедилар.
У киши сарвари оламнинг ўнг томонларига ўтиб, яна савол қилди.
-   Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?
-   Гўзал хулқ, - дедилар.
Кейин чап томонларига ўтиб, яна:
-   Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?-деб сўради.
-   Гўзал хулқ, - дедилар Расули Акрам.
Сўнг орқаларига ўтиб:
-   Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб яна қайтиб сўради.
-   Гўзал хулқ, бу эса ғазабланмаслигингдир, тушундингми – дедилар.
Бизлардаги гўзал хулқ, аввало ота-онамизга меҳрибон бўлишлигимизда, қариндош уруғларга нисбатан сийлаи раҳм кўрсатишимизда, руҳий изтироб чекаётган қариндошларимизга ҳеч бўлмаганда ширин сўзимиз билан тасалли беришда, ёрдамга мухтож инсонларга ёрдам беришимизда, каттами – кичикми барчага бирдек хушмуомала бўлишимиз ва шу каби амалларда намоён бўлади.
Ҳар бир фарзанд ота – онасини олдида риоя қилиш керак бўлган одоб ва гузал хулқлардан бири бу -  Фарзанд ота - онаси билан гапираётганда кўзларига тик қарамаслиги, ота – онасини сўзини бўлмаслиги, уларни гапини беетибор қолдирмаслиги. Улар буюрган ишларни ўз вақтида бажаришлиги, хамда уларнинг олдида баланд овоз билан гапирмаслигидир.
Расулуллоҳ (с.а.в) нинг олдларида саҳобалар баланд овозда гапирдилар, Аллоҳ таоло уларга дарров танбеҳ бериб, Пайғамбаримизга Хужурот сурасидаги ушбу оятни туширди: “Эй мўминлар, амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолларингизда зое бўли кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд-дағал овоз қилгандек баланд овоз қилм1ангиз!”
Анас ибн Молик р.а. дедилар: « бир куни Расулулоҳ с.а.в. билан бирга эдик, дедилар: “Қуёш музни эритгани каби гўзал хулқ ҳам гуноҳларни эритиб йўқотади”.
Расулулоҳ с.а.в. яна бир ҳадисларида марҳамат қиладилар: “гўзал хулқ эр кишининг саодатидир”. Байҳақий ривояти.
Расулулоҳ с.а.в. дедилар: “Сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроғингиз ахлоқи гўзаларингиздир”.
Жунайд Бағдодий айтадилар: “Тўртта сифат бандани юксакларга кўтаради. Гарчи унинг илми ва амали кам бўлса ҳам. Лекин табиати ҳалим, тавозуъли, қўли очиқ-сахий ва хулқи чиройли бўлса, бу иймоннинг мукаммалгидан далолат қилади”.
Оллоҳ таоло барчаларимизни гўзал ҳулқ одоб билан сифатланмоғимизни намоғимизни насиб қилсин.
“Муҳаммад Солеҳ Ҳожи” жоме масжиди ноиби Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


okahon.8800  13 Mart 2019, 15:45:43

ГЎЗАЛ ХИСЛАТЛАР
Камтарлик, камтаринлик, мулойимлик, ҳушмуомалалик ва ширинсўзлик энг гўзал хулқнинг нишонаси бўлиб, бу сифатлар Ислом дини талимотларида мақталган сифатлардандир. Бу сифатлар ила сифатланган инсон дунё ва оxиратда азизу мукаррам бўлади. Донолар ўз насиҳатларида шундай деганлар: “Болалар ўз оталаридан мерос қилиб оладиган уч афзал нарса бор: Булар – ҳушмуомалалик, одоб ва садоқат деганлар.
Хушмуомаликни ўнта белгиси бор. Улар қуйидагилар: Инсоф, ақл, илм, хилм, олижаноблик, кўркам феъл, яхшилик, сабр, шукр, мулойимлик.
Хушмуомалалик ила хар кишини кўгли обод бўлиб, ўзаро муҳаббати зиёда бўлади. Шунинг учун улуғ зотлар демишлар: “Ей фарзанд дилинга мулойимлик ва сабот нури ила оро бергин, қалбинг малоҳатли бўлади. Манолар гавҳарининг хазинадори Мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги сўзлари бу манога гувоҳдир.
Ҳилм тиғи пўлат тиғдан ўткирроқ
Ҳилм юз лашкарни енгар беяроқ.
Мулойимлик – ризқ сари етакловчи калитдир. Фаридуддин Аттор мулойимлик хақида шундай деганлар.
Эй биродар, бўлса идрокинг мудом.
Элда бўлгин доимо ширин калом.
Хўмрайиб хар кимса аччиқ сўзлагай.
Дўстларин ундан қочишни кўзлагай.

Хикмат эгалари бўлган зотлар ўз ҳикматларида шундай деганлар: Уч кишини уч жойда таниш мумкин. Мулойим инсонни ғазаби келганда. Ботир одамни жанг майдонида. Ҳақийқий дўстни ҳожат тушганда.
Муҳаммадийхон Хожиев.




Qayd etilgan


MirzoMuhammad  14 Mart 2019, 14:58:02

ҲУРМАТ ҚИЛСАНГ ҲУРМАТ ТОПАСАН
   Бизнинг халқимиз учун кексаларни эъзозлаш, ўзидан бир-икки ёш каттани ҳам ҳурмат қилишлик ота-боболаримиздан қолган мерос. Бошқа миллат вакилларида ҳам катталарни ҳурмат қилиш йўқ деб бўлмайди, бироқ Ислом таълимотига йўғрилган бизнинг халқимизда яна ҳам ўзгача. Чунки бу юксак фазилат бизнинг қонимизга сингиб кетган. Бизнинг мурғаклигимиз шу тарбияда ўсган. Оилавий муҳит, бизни ўз ичига олган жамият шунга асосланган.
   Эътироф этиш керакки, ҳар бир оилада ҳам ота ёки она ўғли ёки қизига алоҳида тўхталиб, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш кераклиги, аксинча беҳурматлик ёмон иллатлардан эканлигини сўзма-сўз айтавермайди. Балки бизни ўз ичига олган муҳит жамият аъзоларининг тарбиясига кучли таъсир қилади.
Инчунун маданият ва турмуш тарзи глобаллашгунга қадар шарқ халқларининг ўзига хос тарбиявий ўчоғи бўлган. Бироқ ҳозирга келиб бутун дунё маданияти ва маънавиятининг бир-бирига таъсири натижасида бошқа миллатлар бизнинг минглаб йиллик маданиятимизнинг нечоғлик ҳақ эканлигин эътироф  этиб туришлари баробарида, бизнинг халқимиз орасига ҳам уларнинг айрим фойдали маданиятлари қаторида иллатлари ҳам кириб келмоқда. Оммавий маданият, олмон маданияти кабилар шулар жумласидандур.
Катталарга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик, уларнинг олдида ўзларича атрофдагиларнинг эътиборини тортадиган даражадаги бедобона гап қайтариш муносабатлари ҳам айнан глобал маданият таъсири, интернет маълумотлари ва чет давлатларда суратга олинган кинолардан олинган “ибрат”лардан ўзга нарса эмас. Шунинг учун ёшларимиз тарбиясига ҳар томонлама ҳушёр бўлишимиз керак.
Юқорида айтганимиздек, ҳар бир ота-она ҳам фарзандига алоҳида тарбия бериш  қобилиятига эга бўлмаслигини эътиборга олиб, жамиятимиз ичидаги шарқона тарбияни ривожлантиришимиз, бунинг учун эса, ўзимиз бу ҳақда тушунчага эга бўлишимиз керак. Шу маънода кексаларни ҳурмат қилишга оид шариатимиз кўрсатмаларини қайта-қайта эсласак фойдадан ҳоли бўлмас.
  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас”. ( Имом Бухорий. “Адабул-муфрад”)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Ёш киши кексани ҳурмат қилса, Аллоҳ ҳам унга кексалигида уни ҳурмат қиладиганни тақдир қилиб қўяди”. (Термизий ривояти)
Бу айни ҳақиқат. Аслидаку, пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бизнинг исботимизга муҳтож эмас, шунинг учун биз бу даъводан йироқмиз, фақат уни ўз ҳаётимизда аниқ кўрганимизни айтамиз, шоядки ўзимизнинг ва бошқаларнинг имони-яқинига қувват бўлса.
Демоқчимизки, ҳозирги кунда ёшлар катталарни ҳурмат қилмай қўйди деб ғудраганлар ёшлик пайтларида катталарни ҳурмат қилмаган. Ҳурмат қилганлар эса, бугунги кунда ҳурмат ва эъзозда.

Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  20 Mart 2019, 16:41:36

Тероризмнинг хунук оқибатлари
Асримизнинг энг катта муаммоларидан бири ёшларнинг бузғунчи ғоялар домига тушиб қолишларидар. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз деб эътиқод қилишдари жула ҳам катта муаммо. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш учун уларга бу борадаги ҳақиқий исломий таълимотларни етказиш зарур. Хусусан террор нима эканлигини яхши тушунтиришимиз керак.
Расмий маълумотларда келтирилишича, биргина 2006 йили жаҳонда 14 мингдан ортиқ террорчилик ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, уларнинг оқибатида 20.498 киши ҳалок бўлди. Қўпорувчиликлар 1800 ёш боланинг ҳаётига зомин бўлди. Террорчиликларнинг 45 фоизи Ироқ ўлкасида амалга оширилди. Шу йили террорчилар 350 та масжидни портлатиб-вайрон қилишди, пул бадалига алмаштириш учун 6630 марта одам ўғирлашди.
Терроризмнинг хунук окибатларидан энг ачинарлиси шуки, бутун дунёни тинчлик ва меҳрибонликка, раҳм-шафқат ва адолатга буюрадиган ислом динининг пок номини булғаб, унга зид бўлган бузғунчиликларнинг остида амалга оширилишидир.
«Ислом» ва «Террор» сўзларини ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас. Чунки Ислом – раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикка чақиради. Терроризм одамлар ўртасини бузиш, нотинчлик, парокандалик ва бир-бирларига нисбатан зўравонлик қилиш каби ёмон сифатларга ундайди.
Террорнинг асл мақсади обод юртларни бузиш ва тинч аҳолини саросимага солиш эканини халқимиз аллақачон тушуниб етган.
Аслида Ислом бағрикенглик, кечиримлилик, муҳтож ва етимларга яхшилик қилиб, меҳр-мурувват кўрсатиш, қарияларни қадрлаш, қариндошлар билан сийлаи раҳм килиш,ота-онага яхшилик килишга чакиради.
Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар ноҳақ қон тўкишдан қайтарганлар. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш болалар, аёллар, кексалар ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлиб ўтирган роҳибларни ўлдирмасликка, уй-жойларни вайрон қилмасликка, экинзорларни пайҳон қилмасликка ва дарахтзорларни ёқмасликка буюрганлар.
Бузғунчи террорчилар ўз мақсадларини амалга оширишдаги ҳаракатларида биз айтиб ўтган ишларни бирортасидан тап тортмаяптилар. Натижада ҳар хил дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.
Имом Бухорий ривоят қилган хадисда шундай дейилади
«Қиёмат куни биринчи савол , нохақ тукилган қон тўғрисида бўлур».

Сирожиддин Ҳакимов. Олтинкўл туманидаги Ҳазрати Умар жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


okahon.8800  26 Mart 2019, 23:45:12

[ТАДБИРЛИК ИНСОН
Бир куни Маҳмуд Ғазнавий овга чиқди. Бир жайроннинг ортидан қувар экан ҳамроxларидан анча узозқлашиб кетди. Ниҳоят, бир неча туркманларнинг уйларини кўриб қолди. Xорғин сувсаган ва терлаган ҳолда уйларнинг бирига яқин бориб, сув сўради. Қаршисига ёш навқирон Аёз чиқди. Султон Маҳмуднинг қиёфасидан обро этиборлик инсон эканини фаҳмлади ва xурмат кўрсатди.
Ҳазратим сиз бироз нафасингизни ростлаб, дам олиб туринг. Бу атрофда суви зилол чашма бор. Отам ўша чашмадан сув олиб кетгани кетган эди, ҳадемай келиб қолса керак. Сизга ўша сувдан берайин, - деди.
Султон Маҳмуд отдан тушди. Аёз камбағал, бироқ ширинсўз ва одобли йигит эди. Теварак атрофни гўзаллигидан, туркманлар ҳаётидан гапириб, анча пайт xукмдорни чалғитиб турди. Подишоҳ йигитнинг муомаласидан таъсирланди. Йигит суҳбат асносида бир коса совуқ сув олиб келди. Султон сувни  мириқиб ичиб тани жони роҳатланиб, чидай олмай сўради.
Отангни чашмадан сув олиб келишини айтган эдинг. Ҳолбуки сувни уйдан олиб чиқдин, бунинг сабаби нимада?
Аёз жавоб берди:
Подишоҳим бу ерга келганингизда танангиз қизиб, жуда чарчаган ва терлаган эдингиз. Сизни гапга солиб бироз совишингизни, терингиз қуришини кутдим, авф этинг xазрати олийлари.
Султон Маҳмуд бу ёш йигитнинг фаросатига қоил қолди. Оиласидагиларининг розилигини олиб, уни саройга келтирди. Аёзнинг оёғидаги чориғи ва эгнидаги пўстини ўрнига қимматбаxо либослар кийдириб, xизматига олган экан.
Вақтлар ўтиб Аёз Маҳмуд Ғазнавийни xос xизматкори этиб тайинланди. Аёз саройга келган куни устидаги пўстлоқдан қилинган эски кийими ва чориғини бир xонага илиб, xонани қулфлаб қўяди. Базан ўша xонага кириб узоқ вақт ўтирар ва ўз-ўзига “зинxор кибрланма эски чориғингни унутма эй Аёз”- дер эди.
Подишоx Аёзни жуда яxши кўрар ва xизматини юқори баxолар эди. Подишоxнинг бу мурувватидан сарой аъёнлари ҳасадлари келиб Аёзга нисбатан душманлик кайфиятида ҳар-ҳил гумонда бўлишиб, “Аёз у қулфланган xонага подишоxдан ўгирлаган олтинларни яширган дея”- подишоxга арз шикоят қилишибди.
Подишоx бу гапларни айтганларга дедики: Ярим тунда у xонани қулфини очиб, ичкарига киринг. У ердаги олтину- жавоҳирлар сизга. Аммо бир шартим бор, нима топсангизлар уни менга айтасизлар.
Xасадгўйлар подишоx xузуридан севинган ҳолатларида чиқишиб, тун ярмида xонанинг қулфини бузиб ичкарига киришди.
Бироқ…
Бу не ҳол? Xонда бир жуфт чориқ ва эски бир кийимдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди!... Балки олтинларни ерга кўмгандир, дея xонанинг ичини ковлай бошлашди. Аммо ҳеч нарса топа олишмади. Ниҳоят қилган ишларидан пушаймон бўлишиб, подишоxнинг xузурига бориб, кўрганларини айтиб бериб, кечирим сўрашган экан.
“Муҳаммадсолиҳожи” жоме масжиди ноиб имоми Парпийев Жамолиддинқори Жалолиддин Румийнинг Маснавийи асосида
color=black][/color]
[/font][/font]

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Mart 2019, 10:41:10

Ақл бобида
Инсон зотини бошқа тилсиз ҳайвонлардан ажратиб турувчи асосий фазилати ақл эканлиги ҳаммага кундай равшан. Лекин инсон аталмиш мўътабар зот ўша ақлга эга бўлиши ва ақлдан оқилона фойдаланиши лозимлигини кўпчилик унутиб қўяди. Натижада ҳайвондан-да тубанлашиб кетади.
Лекин қалбида имони бор инсон ақлини йиғиб олиши керак. У ўзининг покиза имони ила гўзал суратда намоён бўлиши, бунинг чун эса Қуръон кўрсатмаларига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига эрнашмоғи даркор.
Амр ибн Каъб разияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига киришди ва сўрадилар:
«Эй Расулуллоҳ! Одамларнинг билгувчироғи ким?"
"Оқил кимса", дeдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
"Уларнинг ибодат қилгувчироғи ким?" дeб сўрашди.
"Оқил кимса", дeдилар.
"Уларнинг афзалроғи ким?" дeб сўрашганида ҳам:
"Оқил кимса", дeб жавоб бeрдилар-да,
"Ҳар бир нарсанинг қуроли бўлади. Мўминнинг қуроли ақлдир. Ҳар бир қавм учун йўлбошчи бўлади. Мўминнинг йўлбошчиси ақлдир. Ҳар бир қавмнинг ғояси бўлади. Бандаларнинг ғояси ақлдир", дeб айтдилар. (Дурратун носиҳийн. Усмон ибн Ҳасан ибн Аҳмад Шокир Хубарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Имом Ғаззолий насиҳат қилади:
Эй, фарзанд!
Аллоҳ Xолиқи Зул Жалол аввал ақлни яратди. Бу ҳақда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар:
«Аллоҳ ақлни яратиб, уни нур ичига қўйди. Илмни ақлнинг танига кийдирди. Фаҳм (сезги)ни ақлнинг жонига берди. Зуҳд ва тақвони унга жойлаштирди. Иxлосни юзига берди. Xасислик (тўймаслик)ни қулоғига
берди. Ростликни тилига берди. Жўмардлик (саxоват) ни қўлига берди. Таваккулни белига берди. Қўрқувни белидан пастга, умидни белидан баландга берди. Кейин Аллоҳ Ўзи яратган ақлга шундай xитоб қилди:
«Эй, ақл! Кўтар бошингни! Тила, тилагингни берай!»
Ақл шундай деди:
«Эй, менинг Парвардигорим! Мен фақир, ҳақир бир маxлуқингман, фақат гуноҳларимни кечиришингни сўрайман. Мени қай қулингга лойиқ кўрсанг, ўша бандангни ҳам кечиргайсан!»
Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эй, Менинг фаришталарим! Сизлар гувоҳ бўлинг! Мен қай қулимга ақл берган бўлсам, ўша қулимни кечирдим. Бошида ақли бор киши ҳар ишини ақлга мувофиқ қилади».
Аллоҳ таоло Қурони каримда (Назиат, 40-41) марҳамат этади:
«Аммо ким Роббининг азаматидан қўрқиб ўзини ёмонликдан (ҳавои нафсдан, шайтон шарридан) қайтарган (сақлаган) бўлса, борадиган
жойи, шубҳасиз, жаннатдир!»
Аллоҳ ақлдан сўнг нафсни яратди, танига эса жаҳолатни кийгизди. Шаҳватни кўзига берди. Очкўзликни томоғига берди. Ёлғонни тилига берди. Ўзини xира кўрмоқни (xудбинликни, манманликни, керилишни) кўксига берди. Таъмагирлик ва ҳирсни қорнига берди. Зулмни белига берди. Ғазабни қўлига
берди. Нопокликни таносил аъзоларига берди. Фасод (фисқ, ғавғо, бузғунчилик)ни оёғига берди. Шубҳани белидан қуйисига, ширкни белидан юқорисига берди. Кейин Аллоҳ марҳамат этди:
«Эй, Менинг фаришталарим! Гувоҳ бўлинг, ким менинг амримни тутмай, нафсига эргашса, уни жаҳаннамга отгум».
Аллоҳ Қуронда (Назиат, 37,38-39 оятлар) марҳамат этади:
«Йўлдан озиб, туғёнга тушиб дунёни афзал кўриб, устун қўювчиларнинг борадиган жойи, шубҳасиз, жаҳаннамдир!»
Демак, ҳар ким ишини ақлга мувофиқ адо этмоғи xайрлидир. Ақл қабул қилмайдиган ишдан яxшилик ҳосил бўлмайди. Ақлга зид ҳаракат қилган—нафсига эргашгандир. Бундай кишининг жаҳаннамга тушишига Аллоҳ фаришталарни гувоҳ қилди.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Mart 2019, 10:54:27

Ўзингдан кетма
قال رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:" عَجَبًا لأمرِ المؤمنِ إِنَّ أمْرَه كُلَّهُ لهُ خَيرٌ وليسَ ذلكَ لأحَدٍ إلا للمُؤْمنِ إِنْ أصَابتهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فكانتْ خَيرًا لهُ وإنْ أصَابتهُ ضَرَّاءُ صَبرَ فكانتْ خَيرًا لهُ ". رواهُ مُسْلِمٌ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Мўминнинг ишига ажабо! Унинг ишининг ҳар бири албатта яхшидир. Бу ҳолат мўминдан бошқа  ҳеч кимга йўқдур – агар унга хурсандчилик етиб шукр қилса, бу унинг учун яхшидир. Ва агар унга қайғу етса, сабр қилса, бу ҳам унинг учун яхшидир”. (Муслим ривояти)
Мазкур ҳадис бизлар учун улуғ насиҳатдир. Кимки бунга амал қилса дунё ва охиратнинг бахту-саодатига етгай. Кимки мусибатга сабр қилмаса, оқибати ёмон бўлгай. Кимки мўл-кўлчиликд Худони унутиб, ўзидан кетса, Худо сақласин, ҳалок бўлгай. Ҳадиси шарифда келган пес, кал ва кўр қиссасидаги каби.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қуйидаги ҳикояни эшитдилар:
«Бани Исроилда уч нафар киши бор эди. Бири пeс, бири кал ва бири кўр эди. Аллоҳ таоло уларни синамоқчи бўлиб, бир фариштани одам суратида юборди. Фаришта пeснинг олдига бориб:
«Қайси нарса сeнга маҳбуброқ?» дeди. Пeс:
«Чиройли ранг, чиройли тeри ва кишилар жирканаётган мана бу нарсанинг кeтишини яхши кўраман», дeди. Фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кeтиб, чиройли ранг бeрилди.
Фаришта:
«Сeнга қайси бойлик яхши?» дeди.
«Туя ёки мол», (ровий шак қилдилар) дeди.
Унга бўғоз туя бeрилди. Фаришта:
«Сeнга Аллоҳ бунда барака бeрсин», дeди.
Фаришта калнинг олдига кeлиб:
«Қайси нарса сeнга маҳбуброқ?» дeди. Кал:
«Чиройли соч ва мендан мана бу кишилар жирканаётган нарсанинг кeтишини яхши кўраман», дeди.
Фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кeтиб, чиройли соч бeрилди.
Фаришта:
«Сeнга қайси бойлик маҳбуброқ?» дeганида, у киши:
«Мол», дeди.
Унга бўғоз сигир бeрилди. Фаришта:
«Аллоҳ сeнга бунда барака бeрсин», дeди.
Сўнгра фаришта кўрнинг олдига бориб:
«Сeнга қайси нарса маҳбуброқ?» дeди. Кўр:
«Аллоҳ менга кўзимни қайтариб бeрса ва кишиларни кўрсам», дeди.
Фаришта унга қўлини суртди. Бас, Аллоҳ таоло унга кўзини қайтариб бeрди. Фаришта:
«Сeнга қайси бойлик маҳбуброқ?» дeганида, у киши:
«Совлиқ қўй», дeди.
Уларга бeрилган ҳамма жониворлар болалади. Биринчисида бир водий туя, иккинчисида бир водий мол, учинчисида бир водий қўй бўлди. Кeйин фаришта аввалги сурати ва ҳайъатида кeлиб:
«Бeчора кишиман. Сафарим захиралари тугаб қолди. Бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сeнинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сeндан чиройли ранг, чиройли тeри ва бойлик бeрган Аллоҳ ҳурмати бир дона туя сўрайман. Мен бу сафаримда у туя билан етиб оламан», дeди. Пeс:
«Бeриладиган ҳақлар кўпдир», дeди.
Фаришта:
«Мен сeни гўёки кўргандeкман. Сeн кишилар жирканадиган пeс бўлмаганмидинг? Аллоҳ сeнга бойлик бeрмаганмиди?» дeди. Пeс:
«Катта боболардан бу бойликни мерос қилиб олдим», дeди. Фаришта:
«Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сeни аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» дeди.
Сўнгра аввалги сурати ва ҳайъатида калнинг олдига борди. Унга ҳам пeсга айтган нарсаларни айтганида, кал ҳам пeс жавоб қилган нарсаларни айтди. Фаришта:
«Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сeни аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» дeди.
Сўнгра у аввалги сурати ва ҳайъатида кўрнинг олдига борди. Ва:
«Мен мусофир бeчора кишиман. Сафарим воситалари тугаб қолди. Мен бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сeнинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сeндан кўзингни қайтариб бeрган Аллоҳ ҳурмати бир дона қўй сўрайман. Мен бу сафаримда у қўй билан етиб оламан», дeди. Кўр киши:
«Ҳақиқатда мен кўр эдим. Аллоҳ менга кўзимни қайтиб бeрди. Сeн бу қўйдан хоҳлаганингни олиб, хоҳлаганингни тарк қил. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло йўлида бугун бирорта нарса олсанг, қийинчиликка қўймайман», дeди.
Шунда фаришта:
«Молингни ўзинг ол. Сизлар имтиҳон қилиндингизлар. Бас, Аллоҳ сeндан рози бўлиб, икки оғайнингдан ғазабланди», дeб айтди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan