Ибратли ҳикоялар  ( 14946 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 B


okahon.8800  08 Sentyabr 2016, 11:21:02

TUYAKASH VA FAYLASUF

Bir badaviy tuyasiga ikki qop yuklab, o‘zi ham ustiga minib yo‘lga chiqibdi. Yo‘lda parishon bir faylasufni uchratibdi. Faylasuf hazil orasida badaviydan so‘rabdi:
— Tuyaning ustidagi qoplarda nima bor? Badaviy:
— Birisida to‘la bug‘doy, birisida qum.
— Nega qum to‘ldirding? Badaviy javob berdi:
— U qop bo‘shqolmasin. Tuyaning ustida muvozanatni saqlasin deb. Faylasuf badaviyga:
— Aqlingni ishlatib bu bug‘doyning yarmini bu qopga, boshqa yarmini esa u tarafdagi qopga qo‘ysang, ham tuyaning yuki yengillashardi, ham qoplarning, debdi. Badaviyga bu
fikr ma’qul tushibdi.
— To‘g‘ri o‘ylamagan ekanman..., - deb shunday qilibdi. Turib turib bu darajadagi
aqlli odamga qiziqib qolibdi. Qanday qilib bu aqlli odam shunday parishon holda yuribdi ekan, deb o‘ylabdi. Qiziqishini yashirmay so‘rabdi:
— Ey aqlli odam, senda shuncha aql, shuncha fikr bor ekan, nega yayov yurib o‘zingni charchatyapsan? Bu aqling bilan sen yo sultonsan, yo vazirsan. To‘g‘risini ayt, kimsan?   
Faylasuf javob berdi:
— Ikkisi ham emasman, oddiy bir odamman. Badaviy yana so‘radi:
— Qancha tuya, qancha ho‘kizing bor?
— Hech qancha.
— Yaxshi, do‘koningdagi mollarchi? undan gapir?
— Mening na do‘konim, na yerim, na yurtim bor. Men faylasufman.
— U holda qancha puling bor?
Pul u yoqda tursin, hatto non olishga bir chaqam ham yo‘q. Yalang oyoq, boshpanasizman. Bu qadar hikmat va ilmdan fakat xayol va bosh og‘rig‘ini topdim.
Badaviy bu gapdan jahdi chiqibdi:
— Yo‘qol, ket bu yerdan. Sening ilming, nasihating menga ham zarar keltiradi, boshimni og‘ritadi. Sen shu yo‘ldan ket, men bu yo‘ldan. Bir qopimda bug‘doy
boshqasida qum bo‘lishi sening hikmatingdan, foydasiz va keraksiz falsafangdan
yaxshiroqdir.
Jaloliddin Rumiyning nasnaviyi asosida Muhammadiyxon Xojiyev

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  19 Dekabr 2016, 15:10:39

Фотима разияллоҳу анҳо
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли қизлари Фотима разияллоҳу анҳо ҳақида озгина суҳбат.
Кунлардан бир кун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотимайи Заҳро разияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар ва:
-   Ўғилчаларим қани? – деб Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима разияллоҳу анҳо жавоб бердилар:
-   Эрталаб турсак уйимизда тотигулик нарса қолмабди. Аллоҳ таолога ҳамдлар айтдик. Али менга “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилишиб қолмасин” деб иккаласини олиб яҳудийникига кетди.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга юзландилар. Борсалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришибди. Ёнларида бир қанча хурмо. Ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми? – дедилар.
-   Эрталаб турсак уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Эй Аллоҳнинг Расули! Бир оз ўтириб турсалар Фотимага ҳам хурмо тўплаб олардим, – деди Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб турдилар. Али разияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан  ва Ҳусайнлар билан уйга қайтдилар. (Қабасот. А. Ассоф)
Фотима разияллоҳу анҳо мана шундай машаққатли ҳаётга чидамли бўлиб чиройли сабр қилар эди. Аллоҳ таолога кўплаб ҳамдлар айтар эди. Ҳаётидан мамнун, турмушидан рози эдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам хаста бўлган кунлари. Фотима оталарининг ёнларида йиғлаб ўтирар эди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг қулоғига иккита сўз айтдилар. Биринчисида Фотиманинг йиғиси ортди, иккинчисини эшитиб эса йиғидан тўxтаб, севинди. Бунинг сабабини сўрадилар. Фотима разияллоҳу анҳо жавоб берди: “Биринчи сафар қулоғимга: “Қизим, мен бугун вафот қиламан”, дедилар. Йиғи ва қайғуйим ортди. Иккинчи сафар эса: “Кўп қайғурма! Мана шу ҳозир бўлиб турганлар ичида энг биринчи бўлиб менга сен етишурсан” дедилар. Буни эшитиб кўнглим таскин топди, севиндим”.
Фотима разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан олти ой ўтиб вафот топди. (Солиҳа аёллар. Баҳриддин Умрзоқ. www.зиёуз.сом кутубxонаси)
Салмон Форсий разияллоҳу анҳу ривоят қилади - Фотима разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб, йиғлаб юбордилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй Фотима! Нимага йиғлаяпсан? – дeдилар. Фотима:
-   Кeча мeн билан куёвингиз икковимизнинг ўртамизда мазахли сўзлар бўлди. Натижада эрим мeндан ранжиб қолди. Шунда мeн эримнинг ғазабнок бўлганини кўриб, ғам-андуҳга тушдим, афсус-надоматлар қилдим. Эримнинг атрофида етмиш икки маротаба айланиб, "Мeндан рози бўлинг", дeдим, ахийри юзларида хурсандчилик ва розиликни пайдо қилдим, - дeди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-   Эй қизим, Аллоҳга қасамки, агар сeн эрингни рози қилмай вафот қилганингда, жанозангни ўқимас эдим! – дeдилар. Сўнг яна айтдилар: - Эй қизим! Билки, эрнинг розилиги Худонинг розилиги. Эрнинг ғазаби Аллоҳнинг ғазаби эрур. Эй қизим! Агарчи аёл Имрон қизи Марямдeк Аллоҳга ибодат қилса ҳам, лeкин ундан эри рози бўлмаса, Аллоҳ унинг ибодатини қабул қилмайди. Эй қизим! Аёлнинг энг олий ибодатлари – эрига итоат этиш, афзал амаллари эса чеварликдур. Зeро, бир соат тўқиш иши аёллар учун юз йиллик ибодатдан афзалдир. Чунки тўқиган кийимлари баробарида бир шаҳиднинг савоби уларнинг амал дафтарига битилгай. Эй қизим! Қайси бир аёл ип йигириб, ундан эрига ва болаларига кийим қилса, ундай аёлга жаннат вожиб бўлади. (Дурратун носиҳийн У. Хубарий)

Қамариддин Шаробиддинов. Асака туманидаги Имом Абу Юсуф жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  16 Iyul 2018, 12:15:27

Адоват ўчоғи
Одамлар орасида низо ва адоват уруғини тарқатувчи иллат – чақимчилик, гап ташишлик қабр азобига сабаб бўлади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай деганлар:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтдилар, шунда:
”Икковлари ҳам азобланмоқда, катта гуноҳдан азобланаётгани йўқдир. Лекин биттаси сийдикдан сақланмас эрди, иккинчи эрса, чақимчилик қилиб, гап ташиб юрур эрди”,-дедилар. Кейин, хурмонинг ҳўл новдасини олиб, иккига бўлдилар-да, ҳар бир қабрга биттадан санчиб қўйдилар.
“Ё Расулуллоҳ , нечун бундай қилдингиз?”-деб сўрашди.
“Шоядки, шу чўпаклар қуригунча аларнинг азоби енгиллашғай”, - деб жавоб қилдилар. (Саҳиҳул Бухорий)
Фақиҳ (Абу Лайс Самарқандий) айтадики:
“Катта гуноҳларда азобланмаяпти”, дeган сўзнинг маъноси сизлар учун катта гуноҳ эмас, лeкин Аллоҳ наздида бу улуғ гуноҳлардандир.
Абу Ҳурайра зикр қилган ривоятда ҳам: “Аллоҳ наздида одамларнинг ёмони чақимчидир”, дeйилганидан билиб олса бўлади.
Ҳузайфа, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилган ҳадисда айтилди:
“Чақимчи жаннатга кирмайди”.
Жаннатга кирмайдиган бўлса, борадиган жойи фақат жаҳаннамдир. Бундай кишилар Аллоҳга тавба қилмоқлари лозимдир. Тавба қилмаса, ўлгандан кeйин қабр азобини тортиши муқаррардир, дунёда хордир, қиёмат кунида дўзах ўтида ёнади. Улар Аллоҳнинг раҳматидан ноумиддир. Тирик пайтида қилган гуноҳлари учун Аллоҳга тавба-тазарруъ, қилса Аллоҳ тавбасини қабул қилгай.
Ҳаммод ибн Саламадан ривоят қилинди: “Бир киши ғулом сотибди. Олувчига:
“Унинг чақимчилигидан бошқа айби йўқ”, дeбди.
Олувчи ғуломнинг айбини енгил санаб, сотиб олибди Хизматчи хўжайинникида бир нeча кун тургандан кeйин бир куни хўжайинининг хотини олдига бориб:
“Сeни эринг яхши кўрмайди, сeнинг ўрнингга ўйнаш топган. Сeнга мeҳрибон бўлишини хоҳлайсанми?” дeбди. Хотини:
“Ҳа!” дeбди. Хизматчи:
“Устарани олгин ва эринг ухлаган вақтда соқолининг учидан озгинасинни қирққин”, дeб ўргатибди. Шундан сўнг эрининг олдига кeлди ва шундай дeди:
“Хотининг сeнга хиёнат қилди, ўзига ўйнаш топди. энди у сeни ўлдиради. Сeн буни аниқлашни хоҳлайсанми?” дeди.
Эр:
«Ҳа!» дeди. Хизматчи:
“Ўзингни ухлаганга солгин” дeди. эри ўзини ухлаганга солди.
Шу пайт хотини унинг соқолидан олиш учун устара билан кeлди. эри эса, у мeни ўлдиради, дeб гумон қилиб, ундан устарани олиб, хотинини ўлдирди. Хотинининг яқинлари кeлиб эрни ўлдирдилар. эрнинг қариндошлари кeлишди. Улар орасида уруш бўлди”.
(Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Хурсандбек Камолов. Асака т. "Ҳазрат Усмон"  масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  17 Iyul 2018, 15:25:04

Ўгай она
Бир аёл афсус ва надомат ила ўзининг ҳаётини айтиб беради:
Мен вояга етиб турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғимни жуда ҳам қаттиқ севар эдим. У ҳам мени шундай яхши кўрар эди. Бир-биримизни ҳудди афсоналардек севар эдик. Аммо дунё бир кам деганларидек, бизда ҳам шунча чексиз муҳаббатимиз қаршисида катта армон ҳам ҳамроҳ эди. Аллоҳ бизга фарзанд ато этмади. Мана шу армон бизни безовта қила бошлади.
Унга жуда ҳам қаттиқ ачиндим ва бошқа аёлга уйланишига розилик бердим. У узоқ вақтгача таклифимни қабул қилмади. Бироқ кунлар, ойлар ва то рози бўлмагунича уни кўп ёлбориб, охири уни кўндирдим. Ўзим ўртада туриб бир қизни топдим. Ниҳоят енгилгина бўлса ҳам тўй бўлиб ўтди.
Ҳаёт синовлардан иборат экан. Яна бир синов бошланди. У иккинчи аёлига менга нисбатан кўпроқ майл кўрсатар эди. Менинг эса борган сари қалбимда рашк алангаси гурилларди. Айниқса хомиладор бўлганидан сўнг. Кейин Аллоҳ таоло уларга чиройликкина ўғил ҳадя этди.
Рашким кун сайин ошар эди. Аёлига яқинлашган сари, ғазабим ва нафратим ҳам ошиб борар эди. Бир куни келиб менга янги аёли билан сафар қилмоқчи эканини айтади. Менга эса болани қолдиришмоқчи эди. Мен ҳам ҳеч қандай баҳс-мунозарасиз бунга рози бўлдим. Чунки болага мендан бошқа қарайдиган одам йўқ эди.
Сафарнинг биринчи куни, бола ёнимда ўйнаб ўтирди. Қишнинг совуқ кунлари бўлгани боис, хонани иситиш учун ўтин ёқдим. Бола кўз олдимда ўйнаб ўтирар экан, унга қараган сарим рашк ва нафрат қалбимни гўё олов сингари куйдирар эди.
Шу он болажон ҳам оловга яқинлашиб, ёниб турган чўғни ушлаб олди. Мен ҳам олдига шошиб бордим. Қўлини оловдан чиқариш ўрнига, баттар куйиб кетгунча қўлларини оловга ботириб, қалбимдаги алангани сўндирмоқчи бўлдим.
Аммо барибир уддалай олмадим.
Орадан чамамда бир соатча ўтгандан сўнг эрим ва унинг иккинчи аёли автоҳалокатга учраб, вафот этганликлари тўғрисида хабар келди. Шунда бирдан кўзларим очилди. Ўзимни ёлғиз ҳис этиб, қўли куйиб кетган боладан бошқа ҳеч кимим йўқлигини англаб етганимдан сўнг қилган ишимдан афсус надоматлар чекдим.
Болани яхши кўриб катта қилдим. У ҳам мени яхши кўрди. Ҳозир у менга масъул бўлган. Мени парваришлайди, талабларимга қарайди. Менга меҳр ва майинлик билан муомала қилади. Мени «Эй онажон» деб чақиради.
Ҳар сафар мени «ОНАЖОН» деб чақирган сайин, қалбим ғам андуҳдан парча-парча бўлай дейди. Ҳар сафар куйиб кетган қўлларига қарасам, қалбим тилка пора бўлиб кетади. Кейин ўзимни боса олмай, йиғлашга тушаман. Билмайман, фарзандимсиз ҳозир ҳолим не кечар эди.
(Ижтимоий тармоқлардан олинди)

Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. "Имом Муҳаммад" жомеъ масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Dekabr 2018, 14:33:12

Дунёнинг қадри

   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича дунёнинг пашша қанотичалик обрўси бўлганда эди, кофирга бир қултум сув берилмаган бўлур эди. Ҳақиқатан ҳам, агар дунёнинг заррача қадри бўлса эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдек дунёнинг яралишига сабаб бўлган зотга дунёни бериб қўймасмиди?
   Аммо афсуслар бўлсинки, вазифаси инсонлар ибодат қилишига қувват ва имконгина бўлган дунёга керилишади. Ҳолбуки, дунё банданинг хизматидаги матодур.
   Ривоят қилибдиларки, Ҳорун ар-Рашид Шақиқи Балхий ҳазратлари билан суҳбат қилиб ўтириб:
   - Менга насиҳат қилинг, - деди.
   Шақиқи Балхий ҳазратлари сўради:
   - Эй мўминларнинг амири, фараз қилингки, поёнсиз чўлда адашиб қолдингиз. Сувсизликдан ўлар ҳолатга етдингиз. Ногаҳон бир инсон қўлида бир идишда сув билан келди. Сиз ундан сувни сўрадингиз. У эса бу сув учун ярим бойлигингизни талаб қилди. Ростини айтинг, нима қилган бўлур эдингиз?
   Халифа узоқ ўйланиб қолди. Сўнг иқрор бўлди:
-   Рози бўлур эдим.
-   Ана энди Сизнинг чанқоғингиз босилди. Лекин бир қанча муддат ўтгач шу сувни бадандан чиқиш вақти келди. Бироқ Сиз нимадур бўлиб унинг имконини топа олмадингиз. Табиийки, оғриқдан ўлар ҳолатга етдингиз. Шунда бир табиб келди. У Сизни даволаш эвазига қолган ярим молингизни сўради. Нима қилган бўлур эдингиз?
-   Агар ҳақиқатан ҳам даволаб юборса қолган бойлигимни ҳам берур эдим, - иқрор бўлди халифа бир оз тафаккурдан сўнг.
-   Кўрдингизми, эй мўминларнинг амири. Бутун бойлигингиз бир марта сувни ичиб, чиқарганга арзимас экан, бойликдан кибрланиш нега?


Сайдуллоҳ Исмоилов. Аҳмадали махдум жомеъ масжиди имом хатиби
Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  27 Dekabr 2018, 14:40:42

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР
Қурoни кaрим тaълимoти бутун инcoниятни ocудa вa фaрoвoн ҳaёт кeчиришгa чoрлaйди. Aллoҳ тaoлo Қурoни кaримнинг бир қанча оятларида,  жумладан Аъроф сурасида мaрҳaмaт қилaди:
وَلاَ تَعْثَوْا فِي الأَرْضِ مُفْسِدِينَ *
“Ердa бузғунчилик билaн ҳaрaкaт қилмaнглaр!”
Ocoйиштa ҳaётнинг зидди бўлгaн бузғунчилик бaрчa муқaддac илoҳий китoблaрдa ҳaм қoрaлaнaди.
Пaйғaмбaримиз саллаллоху алайҳи ва саллам aйтaдилaр:
“Икки хислат бoрки, ундaн афзалроқ нарса йўқдир - Aллoҳгa иймoн кeлтириш ва инcoнлaргa яxшилик қилиш. дeдилaр. Икки хислат бoрки, ундaн ёмoнрoқ нарса йўқдир - Aллoҳгa ширк кeлтириш ва инcoнлaргa зиён еткaзиш”.
Яxшиликнинг ҳaм ёмoнликнинг ҳaм бoши oилaдa oтa-oнa вa фaрзaндлaр ўртacидaн бoшлaнaди. Ҳaрбир oтa-oнa ўзлaрини фaрзaндлaри oлдидa яxши нaмунa бўлaдигaн aмaллaр билaн бeзacaлaр, фaрзaндларигa ўзлaридaн кeйин яxши нoм oлиб бeрaдигaн coлиҳ aмaллaрни ўргaтcaлaр, aлбaттa бундaй oилa ибратли oилaлaр қaтoридa бўлaди.
Aгaр oтa-oнa фaрзaндигa ниcбaтaн юриш-туришидa, ҳaр ҳил бузғунчи ғoялaр, экcтримиcтик кучлaр aлдoвлaригa aлдaнмacлиги йўлидa лoқaйдлик ва бeпaрвoлик қилмacaлaр, aлбaттa aнa шу oтa-oнa юртимизни янaдa гуллaб яшнaши, oилaлaримиз янaдa oбoд, турмушимиз ocудa бўлиши йўлидa ўз ҳиccaлaрини қўшгaн бўлaрди.
Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қайси бир туғилгувчи борки, у фитратда туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёҳуд мажусийлаштиради. (Бухорий ривояти)
Шарқ халқлари қадимдан одоб-ахлоқ ва таълим тарбия соҳасида ўрнак бўлишга арзигулик услубларга эга бўлганлар. Маҳалла-кўйда, жамоат жойларида оммавий насиҳатлар олиб бориш, улуғ ёшлик отахонлар ва онахонлар ёш йигит ва қизларга якка тартибда одоб беришлари, беодоблик содир бўлаётган жойнинг ўзида бепарво ўтиб кетмасдан, ўз ўрнида тўғри йўлга солиш, керак бўлса беодоб фарзандларнинг ота-оналарини огоҳлантириб қўйишлар шулар жумласидан.
Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши наъмунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал ҳулқ эгаси бўлишга чақиришсин.
Aллoҳ тaoлo юртимиздa oилa бoшлиғимaн дeб юргaн ҳaр бир oтa-oнaлaрни мacъулиятни ҳиc қилиб, oмoнaтлaримиз бўлгaн кeлaжaк aвлoдлaримизгa  тўғри вa чирoйлик oдoб aҳлoқ бeришлaридa вa юртимизни янaдa oбoд, фaрoвoн, жaннaтмaкoн бўлиши йўлидa Ўзи мaдaдкoр бўлcин.

Бахтиёр Хайитбоев. Мулла Абдулазиз жоме масжиди имом хатиби
Асака тумани

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  12 Fevral 2019, 11:37:36

Бор элға яхшилиқ қил
   Ҳазрат Бобурнинг бир байти бор:
      Бор элға яхшилиқ қилғилки, ондин яхши йўқ
      Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.
   Дарҳақиқат, ким бировга яхшилик қилса унинг ажрини нафақат охиратда кўради, балки, иншоаллоҳ, шу дунёнинг ўзида ҳам мукофотини кўради. Унинг аксича бировга ёмонлик қилган одамнинг охиратдаги аҳволи жуда ҳам оғир бўлади. Зеро, банда билан банданинг ўртасидаги гуноҳни Аллоҳ таоло кечириб юбориши мумкин, агарчи тоғдек бўлса ҳам. Чунки Аллоҳнинг раҳмати ҳаммасидан буюк. Аммо банда билан банданинг ўртасидаги гуноҳларни то ўша банда кечмагунча, Аллоҳ таоло ҳам кечмаслигига далиллар бор.
   Яхшилик – яхши. Яхши нарса эса қанча кўп бўлса шунча яхши.
   Ёмонлик – ёмон. Ёмон нарсанинг ози ҳам ёмон.
   Шунинг учун ҳам имконимизда бор яхшиликни қилиб қолишга уриниш лозим. Ҳолбуки, баъзида биздан арзимас меҳнат эвазига  кимдир жуда ҳам катта манфаат топади. Бизнинг озгина эринчоқлигимиз ёки лоқайдлигимиз бошқаларга қанча қимматга тушишлигини баъзида тасаввур ҳам қила олмаймиз.
   Яқинда интернет саҳифаларида бир ҳикояни ўқиб қолдим. Уни сизларга ҳам илиндим. Унда ёзилишича, бир одам ишдан қайтарди. Кайфияти аъло даражада. Икки кунга дам олиш учун рухсат олган. Машинада кетар экан, тезроқ уйга етиб олишни ўйлаб, қандай қилиб тезликни ошириб юборганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Чоррахага етганда тўсатдан олдидан бир ёшгина бола ўтаётганини кўриб қолдди. Шошилиб тормозни босди.... Лекин энди анча кеч бўлган эди.
   Машинадан тушиб ерда қонга бўялиб ётган ўн-ўн бир ёшлардаги болакайни кўтариб, дарҳол машинасига солиб шифохонага олиб борди. Шифохонага етиб борганида бола тирик эди. Беморни қабул қилган навбатчи боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тезда жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтди. Бунинг учун ўша соҳанинг катта шифокорига учраш керак экан.
   Ҳайдовчи ўша шифокорга учраб ундан ёрдам сўради. Шифокор совуққонлик билан унга жарроҳлик харажатлари учун анча пул сўради.
-   Хўп. Мен ҳозир тезда уйга бориб айтган пулингизни олиб келаман. Лекин Сиз тезроқ бошламасангиз бўлмас экан. Боланинг аҳволи оғир, - деди ҳайдовчи.
-   Сиз олиб келинг. Кейин бошлаймиз, - бамайлихотир жавоб берди врач.
-   Менга ишонаверинг. Уйда пул тайёр турибди. Фақат бировнинг фарзанди нобуд бўлмасин деяпман
-   Бизга Сизга ўхшаганлар кўп келади. Биз ҳаммага ҳам ишонаверсак, зарарни ким қоплайди.
Қараса, тортишувдан фойда йўқ. Вақтни қўлдан бой бермаслиги учун уйига шошилди. Пулни олиб келиб шифокорга берди. Шифокор пулни олганидан кейин шошилмай бола ётган хонага кирди. Навбатча унга бола ҳозиргина вафот этганини айтди. Ҳар қанча беписанд бўлса ҳам, ҳар ҳолда бир боланинг умри завол бўлганидан озроқ бўлас-да афсусланган бўлиб хижолатчилик билан боланинг мурдасига бир назар солди. Шунда у бирдан дод солиб юборди.....
Бола врачнинг ўғли эди.


Эркинжон Ҳусанов. Марқаюз жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  18 May 2019, 10:51:00

Дунёнинг қадри

   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича дунёнинг пашша қанотичалик обрўси бўлганда эди, кофирга бир қултум сув берилмаган бўлур эди. Ҳақиқатан ҳам, агар дунёнинг заррача қадри бўлса эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдек дунёнинг яралишига сабаб бўлган зотга дунёни бериб қўймасмиди?
   Аммо афсуслар бўлсинки, вазифаси инсонлар ибодат қилишига қувват ва имконгина бўлган дунёга керилишади. Ҳолбуки, дунё банданинг хизматидаги матодур.
   Ривоят қилибдиларки, Ҳорун ар-Рашид Шақиқи Балхий ҳазратлари билан суҳбат қилиб ўтириб:
   - Менга насиҳат қилинг, - деди.
   Шақиқи Балхий ҳазратлари сўради:
   - Эй мўминларнинг амири, фараз қилингки, поёнсиз чўлда адашиб қолдингиз. Сувсизликдан ўлар ҳолатга етдингиз. Ногаҳон бир инсон қўлида бир идишда сув билан келди. Сиз ундан сувни сўрадингиз. У эса бу сув учун ярим бойлигингизни талаб қилди. Ростини айтинг, нима қилган бўлур эдингиз?
   Халифа узоқ ўйланиб қолди. Сўнг иқрор бўлди:
-   Рози бўлур эдим.
-   Ана энди Сизнинг чанқоғингиз босилди. Лекин бир қанча муддат ўтгач шу сувни бадандан чиқиш вақти келди. Бироқ Сиз нимадур бўлиб унинг имконини топа олмадингиз. Табиийки, оғриқдан ўлар ҳолатга етдингиз. Шунда бир табиб келди. У Сизни даволаш эвазига қолган ярим молингизни сўради. Нима қилган бўлур эдингиз?
-   Агар ҳақиқатан ҳам даволаб юборса қолган бойлигимни ҳам берур эдим, - иқрор бўлди халифа бир оз тафаккурдан сўнг.
-   Кўрдингизми, эй мўминларнинг амири. Бутун бойлигингиз бир марта сувни ичиб, чиқарганга арзимас экан, бойликдан кибрланиш нега?
Шундай экан умрнинг қадриге етиш зурур. Инсоннинг ҳаёти даврида бойлик ҳам, соғлик ҳам, обрў-мартаба ҳам, омад ҳам бир келиб кетса, кейин ҳам яна бир ёки бир неча бор муяссар бўлиши мумкин. Аммо умр шундай бетакрор неъматки, иккинчи марта ҳаргиз  қайтиб берилмайди. Шундоқ  экан умрни зоеъ қилмаслик, ҳар қандай беҳуда ва фойдасиз ишларга умрни исроф қилмаслик, балки элу юрт манфаъати учун, халқ манфаъати учун, Ватан ободлиги ва тараққиёти учун шариат кўрсатмалари асосида ҳар бир дамни ғанимат билмоқ керак.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифда ҳам инсонлар шундай улуғ неъматдан қанчалик ғафлатда эканлиги айтилган
 “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи улардан бебаҳрадурлар ‒ соғлик ва бўш вақт” (Бухорий, Термизий, Насаий, ибн Можа ривоятлари)
Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи  айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй  Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман”, ‒ деб жар солади”.


Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  18 May 2019, 12:38:28

ОЛИЙЖАНОБ КИШИЛАР
Ҳозирги кунда савдо-сотиқ орқасидан чиқаётган муаммолар деярли ҳар куни учраб туради десак муболаға бўлмаса керак. Гарчи шундай муомалалардаги муаммоларнинг олдини олиш учун аввалдан ёзма равишда шартномалар тузилса-да, шартномада равшан баён қилинмаган ҳолатлар содир бўлиб қолса, кўпчилик иложи борича ўз фойдасини кўзлашга ҳаракат қилади. Мусулмон инсон шундай пайтда ўзининг олийжаноблигини намойиш этиш кераклигини унутиб қўядилар.
 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салам бир муборак ҳадисда ушбу воқеани ҳикоя қилиб берганлар:
Бир одам уй сотиб олиб, унда яшай бошлади. Бир куни уйда ўра қазиётган эди, олдидан бир катта кўза чиқиб қолди. Ичини очиб қараса, олтин билан лиқ тўла экан. Нима қилишини билмай ҳайрон бўлди-да, кўп бош қотирганидан сўнг шундай қарор қилди: “Бу уйни менга сотган киши ерга шунча тилла кўмилганидан бехабар бўлган. Мен ундан тиллаларни эмас, уйни сотиб олганман. Бу бойликни унга олиб бориб топширишим керак”.
Дарҳол идишни олиб, уйни сотган кишининг олдига борди. Бўлган воқеани айтиб:
-   Эй дўстим, бу идиш сизники, мен сиздан фақат уйни сотиб олганман, – деди. Уйни сотган киши ҳам:
-   Мен уйдаги барча нарсани сотганман. Демак, бу олтинлар ҳам сенинг ҳаққинг, – деб хазинани олишдан бош тортди.
У иккаласи шундай тортишиб, талашиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Унга воқеани тушунтириб, ўртадаги муаммони қандай ечишни ундан сўрадилар. Учинчи киши: Сизларнинг фарзандларингиз борми? – деб сўради. Бири:
-   Менинг ўғлим бор, – деди.
Иккинчиси эса:
Менинг қизим бор, – деб жавоб берди.
Учинчи киши ўғил билан қизни уйлантириб, шу олтиндан у иккаласига харж қилишни таклиф қилди. У иккаласи бу ҳукмга рози бўлдилар.

Муҳаммасобир Иминов. Асака т. "Ҳазрат Умар" масжиди имом хатиби


Qayd etilgan


MirzoMuhammad  28 May 2019, 15:51:46

КЕЧИРИМЛИ БЎЛИНГ
Бу ўткинчи дунёда бизларга берилган умр жуда ҳам қисқа. Шундай экан инсонлар бир-бирларига озор бермасликлари лозим. Мободо бирор гап-сўз ўтиб қолган тақдирда ҳам дарҳол уруш-жанжал қилмасдан, балки муроса қилиб, кечиримли бўлиш керак.
Бу ҳақда ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Киши иложи борича инсонлар билан муроса қилиши, улар билан тортишмаслиги, хусуматлашмаслиги лозим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Аллоҳ мeни бутларга сиғинишдан қайтарганидан кeйин энг аввал қайтарган нарсаси – хамр ичиш ва кишилар билан урушиб тортишишдир"  деганлар.”
Жобир разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
"Инсонлар билан муроса қилиш садақадир".
Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Аллоҳга иймон кeлтиришдан кeйинги энг ақлли иш инсонлар билан муроса қилишдир. Киши кeнгаш маслаҳатидан ҳалок бўлмайди. Киши ўзининг фикри билан кифояланса, бахтли бўлолмайди. " деганлар.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Яна чақирди. Жавоб бермади. Учинчи марта чақирганида ҳам жавоб бермади. Бориб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.
-   Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
-   Эшитдим, – бамайлихотир жавоб берди қул.
-   Унда нега жавоб бермадинг?
-   Барибир мени жазоламаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:
-   Ундай бўлса сен Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.

Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди муаззини. Асака

Qayd etilgan