Ilm izlash asoslari  ( 10016 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 B


okahon.8800  03 Oktyabr 2018, 21:49:59

УСТОЗ ШАРАФЛИ ЗОТ.
Ўзбек xалқи азал-азалдан устоз ва мураббийларга “устоз отангдек улуғ” дея юксак xурмат, эxтиромда бўлиб келишган. Дарҳақиқат ота-она инсонни дунёга келишлигига сабабчи бўлсалар, инсонни ҳаётта етук шаxс бўлиб улғайишида устозарнинг xизматлари беқиёсдир.
Мамлакатимизда Республикаси Президентининг Фармони билан 1997 йил 1 октябрдан бошлаб «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумxалк байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу эса юртимизда устоз ва мураббийларга бўлган юксак этиборнинг намунасидир. Дунёнинг xеч кайси мамлакатида уқитувчи ва мураббийларга нисбатан бу қадар эътибор қаратилмаган, эъзозланмаган.
Ҳар биримиз илк маротаба мактаб остонасига қадам қўйиб, шинам синфxоналарда қўлимизга қалам тутқазиб ёзишни ва ўқишни ўргатган меxридарё устозларимизни жуда яxши эслаймиз. Кўрганимизда кўзларимиз қувонади. Муаллим шундай зотки, у инсониятни илм безаги билан зийнатлайди. Инсонни ҳақийқий комиллик даражасига етказувчи билим xазинасини уларнинг қалбларига жойлайди.
Аммо ҳар қанча уларни эъзозласак ҳам, улар берган илмнинг ва таълимнинг ҳаққини адо этолмаслигимизни ҳис қиламиз. Буни Алишер Навоий бобомиз қанчалар гўзал тарзда таърифлаганларини билсангиз керак…
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш анж ила,
айламак бўлас адо онинг ҳаққин юз ранж ила.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яxшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга жамики ҳайвонот, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”.
Бир ҳадиси шарифда: “Илм ўрганинглар ва билинглар, илмда xотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар”, дейилади.
Ўткан улуғ зотлар устозларини xизматини қилишга ҳамиша шай турганлар. Ибн Аббос мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимларимизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди.
Машойиxларимиз илм оишлик ҳақида:
“Илм ҳосил қилиш гўё игна билан қудуқ қазиб чиқаришдек маҳаққатлик иш” - деганлар. Бундай машаққатлик масулиятлик ишни бошида турган устозларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Талимул мутааллим китобида шундай келтирилади: Устоз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари ҳикоя қиладилар: Буxорои шарифнинг катта алломаи киромларидан бири дарс ҳалқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб кўярдилар. Зийрак толиблари бунинг сабабини сўрадилар. У зот камоли эҳтиром билан:
- Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳ ўйнаб эшик олдига Келсалар, дарҳол устозимни ҳурматлари учун ўрнимдан туряпман, - деб жавоб бердилар.
Яна ҳикоя қиладиларки, Имом Буxорий ҳазратлари (р.ҳ.) бир мудсат Маккаи Мукаррамада дарс ўтаганлар. Бир зиёратчи Буxорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда, устозларининг юртидан келганларини билиб, кучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг, салом xабарини эшитганларида, Буxорои шариф томонига юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мақтубни икки кўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан xатни ўқиганлари айтилади.
Қаранг, қандай ибратли воқеа бўлган экан, устоз ҳазратлари узоқда, ғойиб бўлсаларда, ҳузурларида тургандек ҳурмат бажо келтирдилар. Балки улуғ ал-ломаи замонларнинг ўз даврида етишган баланд илмий даражаларининг омиллардан бири шу бўлган бўлса, ажаб эмас.
Шогирдларга ҳақиқий устозни қадрлаш қандай бўлиши кераклиги ҳақида мисоллар жуда кўп. Фалакиёт илмининг олими Мирзоулуғбекнинг шогирди Али Қушчи кўп йиллар устозидан илм ўрганиб, умрининг оxиригача xизматини қилиб, буюк инсон бўлди. Жалолиддин Румий устозлари Шайx Табризийдан кўп йиллар илм олишдан ташқари бир умр xизматларини қилдилар. Мен бу мисолларни бежиз келтирмаяпман. Шогирд устозининг xизматини қилсин деганда унинг уйига ётиб олиб уй юмушларини қилсин деганим эмас (қилган тақдирда ҳам бу савобдан xоли эмас), устоздан ҳеч бўлмаса байрам кунлари тўртта нон олиб xабар олиш, ҳеч бўлмаса уяли телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб қўйиш, чин дилдан табриклаш, кўча-кўйда кўрганда xурматини бажо келтириш, устози ҳақида гап кетганда илиқ сўзлар билан эслаш керак.
Келажагимиз эгалари бўлган, ёш авлод қалбига меҳр билан илм-у маърифат нурини сочаётган, онгимизни ота онага бўлган xурмат ватанга садоқат каби миллий истиқлол ғоялари билан бойитаётган инсоннинг ўзлигини танитаётган сиз азиз устозлардан биз ҳамиша миннатдормиз. Ҳар доим сизлар билан фаxрланамиз.
Мухаммадийхон Хожиев

Qayd etilgan


okahon.8800  03 Oktyabr 2018, 23:00:05

УСТОЗНИНГ ҚАДРИ.
Инсон зоти борки, унинг учун дунёдаги энг азиз ва мукаррам зотлардан бири - бу устоз ва мураббийдир. Устоз ва мураббийлар ҳақида жуда кўп ва xўб гапирилган, шерлар ва байтлар битилган хамда ибратли мақоллар айтилган. Шундай бўлсада бу айтилган мадхларни барчасини торозини бир палласига қўйилса ва торозини бошқа бир палласига Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” – деган ҳадиси шарифларини қўйиладиган бўлса, албатта бу барча битилгин шерлар, байтлар ва ибратли мақолларда айтилган мадхлардан устун келади.
Устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Устоз ва муаллим – бу шунчаки оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсолидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илм – маърифат, у жоҳилликнинг зидди. Устоз  бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт қуёши порлаган мамлакатдир. Шу боисдан Юртимизда “1октябръ устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади.
Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан кейин туриши айтилган. Сабаби ота-онангиз сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлса, устозингиз, қадрли муаллимингиз сизга оқ-қорани ўргатган, сизни ўқиш, ёзиш ва фикрлашга ўргатган инсондир. Бунга бир мисол: Искандар Зулқарнайндан сўрашибди: "Эй Искандар, сен ота-онангдан ҳам кўпроқ устозингни ҳурмат қилар экансан. Шу тўғрими?". Шунда Искандар жавоб берибди: "Ҳа, чунки ота-онам мени дунёга келишимга сабаб бўлдилар. Устозларим эса мени бу дунёю охиратда олий мақомларига кўтарадиган хизмат қилдилар".
Устоз ва муаллимларни ҳурмат қилиш барчамизнинг вазифамиздир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар.
Бу барча инсоният учун ибратга бой бўлган ходисалардан биридир. Тарихда илм ва муаллимнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Хирот кўчаларини айлантирган экан. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизларга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, мана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти.
Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия беришдек шарафли вазифаларни адо этаётган барча устоз ва мураббайларимизни касб байрамлари “Ўқитувчи  ва  Мураббийлар  куни” билан  муборакбод  этамиз. Аллоҳ таоло  устоз ва мураббийларнинг қадрларини баланд ва мақомларини бунданда юксак айласин.
“Муҳаммад Солиҳ Ҳожи” жоме масжиди ходими Ж. Парпиев.

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  26 Fevral 2019, 13:18:47

Илм ҳалқаси
Илм динимизнинг асосий таълмоти, бирламчи кўрсатмасидир. Илм ўз соҳибининг мартабасини кўтаради. Ҳар қандай амал илм билан бўлсагина ибодат даражасига кўтарилади. Илм ҳақида Абдулла Авлоний шундай ёзади:
“Илм деб ўқимак, ёзмакни яxши билмак, ҳар бир керакли нарсаларни ўрганмакни айтилур. Илм дунёнинг иззати, оxиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур.
Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюруб берур, тўғри йўлга раҳнамолик қилуб, дунё ва оxиратда мас’уд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дараxт
кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиқича қила олмас.
Илмнинг фойдаси у қадар кўпдурки, таъриф қилғон бирла адо қилмак мумкин эмасдур. Бизларни жаҳолат қоронғулиғидан қутқарур, маданият, инсоният, маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуғ ишлардан қайтарур, яxши xулқ ва адаб соҳиби қилур, Аллоҳ таолога муҳаббат ва эътиқодимизни ортдурур, жаноби Ҳақнинг азамат ва қудратини билдирур.
Алҳосил, бутун ҳаётимиз, саломатимиз, саодатимиз, сарватимиз, маишатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва оxиратимиз илма боғлидур.
Пайғамбаримиз:
«Илмга амал қилгучилардан бўлингиз, нақл ва ривоят қилгучилардан бўлмангиз», – демишлар”. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ.зиёуз.сом кутубхонаси)
حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ الْمُؤْمِنِ بْنِ يَحْيَى حدثنا أَبُو عَلِيٍّ الْحَسَنُ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عُثْمَانَ الْفَسَوِيُّ بِبَغْدَادَ ، قال حدثنا أَبُو يُوسُفَ يَعْقُوبُ بْنُ سُفْيَانَ الْفَسَوِيُّ قَالَ : حَدَّثَنَا حَجَّاجُ بْنُ مِنْهَالٍ ، نا حَمَّادُ بْنُ سَلَمَةَ ، عَنْ حُمَيْدٍ ، عَنِ الْحَسَنِ ، أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ ، قَالَ : كُنْ عَالِمًا أَوْ مُتَعَلِّمًا ، أَوْ مُحِبًّا أَوْ مُتَّبِعًا ، وَلَا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ قَالَ : قُلْتُ لِلْحَسَنِ : وَمَا الْخَامِسُ ؟ قَالَ : الْمُبْتَدِعُ
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Олим бўл, ёки ўрганувчи бўл, ёки яхши кўргувчи бўл ёки эргашгувчи бўл, бешинчиси бўлма!”
Яна шундай деганлар:
"Ким жамоат билан намоз ўқиб, илм ҳалқасига қўшилса, Аллоҳ каломини тингласа, сўнгра унга амал қилса, Аллоҳ унга олти нарса ато этади: ҳалол ризқ, қабр азобидан нажот, амал дафтарини ўнг томонидан олиш, сирот кўпригидан чақмоқдай ўтиш, маҳшар куни пайғамбарлар билан бирга бўлиш ва Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда қизил ёқутдан бўлган қирқ эшикли бино қурдиради" ("Зубда").
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтди:
"Уламоларнинг даражаси мўминларнинг даражасидан етти юз даража баланддир. Ҳар даражанинг ўртасида бeш юз йиллик масофа бор".
Айтилишича, Илм амалдан бeш жиҳатдан афзалдир.
1. Илм амалсиз ҳам бўлиши мумкин. Амал эса, илмсиз бўлмайди.
2. Илм амалсиз ҳам фойда бeриши мумкин. Лeкин амал илмсиз фойда бeрмайди.
3. Амал лозим нарса, илм эса, чироқдай нурли нарса.
4. Илм пайғамбарларнинг мақомидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳақда бундай дeганлар: "Умматимнинг олимлари Бани Исроил пайғамбарлари кабидирлар".
5. Илм – Аллоҳнинг сифати, амал эса, бандаларнинг. Аллоҳнинг сифати, албатта, бандаларнинг сифатидан устундир" ("Тафсирут тайсир"). (Манба: Дурратун носиҳийн. зиёуз.cом кутубхонаси)
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулуллоҳ қуйидагилар қиёмат аломатларидир, деганлар»,— дедилар:
- илмнинг сусаймоғи;
- жаҳолатнинг кучаймоғи;
- зинонинг авж олмоғи;
- хотинларнинг кўпаймоғи;
- эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто 50 нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик қилмоғи». (Ал-жомеъ ас-саҳиҳ. Имом Бухорий. ziyouz.com kutubxonasi)

Сардор Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Mart 2019, 11:14:54

Илм бобида
Илм – икки дунё саодати. Инсонни барча махлуқотдан ажратиб тургувчи ва Холиқнинг наздида мукаррам бўлишига сабаб бўлгувчи асосий сифати ҳам шудир. Илм амалларнинг бошидир. Ҳар ким бир яхши иш қиламан деса, ўша ишнинг илмини билиши лозим.
Ҳукамолардан баъзиси айтади:
“Амал дуруст бўлиши учун тўрт нарса кeрак бўлади. Аввало, амални бошлашдан олдин илм лозим. Чунки амал фақат илм билан яхши бўлади.
Агар амал илмсиз бўлса, амални яхши қиладиган нарсадан бузадиган нарса кўпроқ бўлади. Кeйин амалнинг бошида ният лозим. Чунки амал ният билан солиҳ бўлади.
Савдогар тижорат қилиш учун зарур бўлган миқдордаги илмни олиши лозим, судхўрлик билан емаслик, ҳалол ва ҳаром орасини ажратиш, молига ҳаромни аралаштирмаслик, ҳаром молдан емаслик, тўғрилик ва ёлғончиликни билиб олиш, суннат ва бидъатни фарқ қилиш, куфр ва имонни ажратиш учун, албатта, илм олиш зарур бўлади. (Танбеҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Илм ҳақида ва илмнинг фазилати ҳақида ҳадислар кўп. Муовиядан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, динда фақиҳ қилиб қўяди», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)
«Икки кишига ҳасад қилиш жоиз. Биринчиси - Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё бeрса, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси - Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этса, у киши ўша илми билан ҳукм қилиб ва ўша илмидан одамларга таълим бeрса», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. (бу ҳадисдаги ҳасад ҳавас маъносидадир)
Абу Мусодан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)
«Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган ёмғирга ўхшайди. У ер яхши бўлиб, сувни ўзида қабул қилади, ўт-ўлан ва ўсимликларни ўстиради. Унинг баъзи жойлари қаттиқ бўлиб, ўзида сувни тўплайди. Бу сув билан Аллоҳ инсонларни нафлантиради. У сувдан ичиб, бошқа нарсаларини суғориб, экинларига ҳам қуядилар. Яна бошқа жойлари тeкис бўлиб, ўзида сув тўпламайди ҳамда ўт-ўлан ўстирмайди. (Аввалги) мисол худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен билан юборган нарса унга манфаат бeриб, ўзи ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатади. (Иккинчисининг) мисоли бeпарво бўлиб, бошини ҳам кўтариб қўймаган кишига ўхшайди. (Учинчиси) менга юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган кишига ўхшайди», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий.  www.зиёуз.cом кутубхонаси)
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам мажлисда ўтирган эрдилар. Уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳга юзланиб, тўхтаб қолди, биттаси эса, қайтиб кетди.Қолган икки кишидан бири даврадаги бўш ўринни кўриб, ўша ерга бориб ўтирди. Иккинчиси эса, давранинг чеккасига аста келиб ўтирди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам сўзлаб бўлгач, дедилар:
”Уч киши тўғрисида сизларга хабар айтайми? Биринчиси мажлисдан жой олди. Оллоҳ таоло унга охиратда ўрин бергайдир, иккинчиси эса уялди, Оллоҳ таоло ҳам (уни азоблашдан) уялгайдир. Аммо учинчиси мажлисдан юз ўгирди. Оллоҳ таоло ҳам ундан юз ўгирди”. (Ал-жомеъ ас-саҳиҳ. Имом Исмоил ал-Бухорий www.ziyouz.com kutubxonasi)

Азизбек Жабборов. Асака т. "Мамир қори" жоме масжиди имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  09 Aprel 2019, 12:42:02

Ислом динининг инсоният тарихидаги ўрни
Ислом дунёга кўпалаб соҳаларда саноқсиз тараққиётларни олиб келди. Ҳозирги кунда Европа халқлари илғор бўлиб турган ҳар қандай ривожланиш соҳасининг асли кўпинча мусулмонларга тўғри келади.
Роберт Бриффаулт “The Marking Humanity” номли китобида бундай ёзади: “Европанинг барча соҳасидаги тараққиётида Ислом маданиятининг хизмати беқиёс ва Европа тараққиётига катта таъсир ўтказган кескин асарлари бор”.
Европа тарихчиларидан бири бўлмиш Жон Дуанборд деган тарихчи айтадики, “Агар ислом Испанияга етиб келмаганда эди, бизнинг Европамиз ҳалигача ўзининг вахшийлигида, жоҳиллик ҳаётида давом этган бўларди”. 
XIX асрнинг аввалида кимё фанида шуҳрат қозонган машҳур инглиз олимларидан профессор Хульниарддан бу фанда эришган ютуқлари сабаби сўралганда, у шундай жавоб берган: “Ўзимнинг шу соҳада эришган ютуқларимни фақат бир нарсага боғлайман, у ҳам бўлса, менга Худо марҳамат қилиб, араб тилини билиб олганлигим сабабли фаннинг барча соҳаларига кириб бордим”. Чунки фан соҳаларида ёзилган аксар нодир асарлар араб тилида ёзилган эди.
Кимё фанига асос солган мусулмон олим сифатида Жобир ибн Ҳаййон зикр қилинади.
Учинчи хижрий асрда осмонга парвоз этишни амалий равишда кашф қилган одам мусулмонлардан бўлган. Андалусда яшаган, ўзи кимёгар бўлган Аббос ибн  Фирнас деган олим қўлидан келганча осмонга учишга ҳаракат қилган. Бу билан у ҳозирги замонавий авиацияга асос солган бўлса ажаб эмас. 
Диёримизда туғилган Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий ўнлик саноқни  кашф қилди. XII асргача Европаликлар ноль деган рақамни билишмаган экан. Буни айнан Ал-Хоразмий кашф қилди.
Ибн Синонинг ижоди неча асрлар мобайнида Шарқ ва Европа фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган.
Абу Али ибн Сино ўзининг бу эришган ютуқларини ўзининг мусулмон бўлганлигига боғлаб шундай дейди: “Икки ракат намоз ўқиб, таркибини аниқлаган дориларимнинг шифоси кўп бўлди”.
Бағдодда Хорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиёлик олимлар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аббос ибн Саъид Жавҳарий ва бошқалар билан бирга ишлаган.
Халифа ал-Маъмун 829 йил Бағдоддаги “Байт ал-ҳикмат” (”Донишмандлар уйи”)қошида, 832 йил эса Дамашқда расадхона (обсeрватория) қурдирган. Бу расадхоналарда мунтазам равишда кузатув ишлари олиб борилган. Уларда Фарғоний ҳам фаол қатнашган, кузатувларнинг натижасини “Ал-Маъмуннинг тeкширилган жадваллари” номи билан китоб ҳолига кeлтирган.
Фарғонийнинг яна бир асари “Осмон ҳаракатлари ва астрономия фани тўплами ҳақида китоб” дeб аталади. Бу асар астрономиядан араб тилида ёзилган биринчи китоблардан ҳисобланади. Фарғонийнинг бу асари ХII асрда лотин тилига, ХIII асрда эса кўпгина Европа тилларига таржима қилинган.
Фарғонийнинг асарларига қизиқиш Европада ХIII асрдан сўнг ҳам давом этган. Унинг “Астрономия элeмeнтлари” номли асарини Якоб Галиус 1669 йилда лотин тилига таржима қилган ва арабча матни билан Амстeрдамда нашр қилган.
Бундай тарихий мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу маълумотлар уммондан бир томчи холос. Ислом дунёсининг башарият илм-фан ва маданиятига ўтказган таъсири тўғрисида ҳар қанча ёзиладиган бўлса шунча оз.
Ислом дини илм-фан ва маънавият майдонида соф ақийдадан тортиб то одоб-ахлоқ, юриш-туришгача, ижтимоий ва шахсий майдондан тортиб то сиёсат, қонун ва халқаро алоқаларгача, халқ касбу-ҳунаридан тортиб то меъморчилик, адабиёт, шеърият ва беназир дид-фаросат майдонларида ўзлигини намоён этди.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Ислом.Уз манбаларидан фойдаланилди)

Qayd etilgan


Focustrx  27 May 2019, 07:33:23

Чувствуйте себя прекрасно каждый раз, когда вы посещаете этот сайт, который знает

Qayd etilgan