Тиланчилик  ( 2295 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


MirzoMuhammad  02 Iyul 2014, 13:03:55

ТИЛАНЧИЛИК
Одамлар гавжум бўладиган жой борки, турли ёшдаги соиллар – тиланчилар пайдо бўлади. Аёллар, эркаклар, қарилар, ёшлар, болалар...
Тиланчиларнинг оиласи шуни талаб қилади шекилли, нонни “нанна” дейдиган норасидалар ҳам билганича ҳунарини кўрсатади.
Бу нима, ҳақиқатан етишмовчиликми ёки текинтомоқликми?
Шариатимиз аҳкомларига кўра бугунга егулиги бор кимсанинг тиланчилик қилиши – ҳаром. Бугунга етгулик егулиги бўлмаган кимсанинг тиланчилик қилиши – мубоҳ. Бисотида ҳеч нарса йўқ. Бировдан сўрамаса ҳалок бўлиш хавфи бўлса вожибга айланади.
Бироқ бугунги “бечораҳолларимиз”да биринчи шартдан бошқаси кўринмайди. Уларнинг дийдиёсини эшитсангиз...
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, тўкин-сочин замонда яшаяпмиз. Катталарнинг айтишларича ҳам, китобларда кўришимизга қараганда ҳам бунчалик серобчилик яқин тарихларда кўрилмаган. Қадимда эса Худо билади.
Озгина ҳаракат қилса, қорин тўяди. Яна озроқ машаққатдан эринмаса, бошқа харажатлар ҳам битади. Ишнинг кўзини излаб тадбиркорлик қилса, бошқаларга ҳам манфаъати етади. Шундай экан, тиланчилик қилишдан ор қилиш керак. Айниқса билагида қуввати бор йигитлар эшикма-эшик юришлари жуда ҳам ор қиларли иш.

Маҳмуджон АБДУРАҲИМОВ. Асака

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  02 Iyul 2014, 13:26:12

ТИЛАНЧИЛИК ВА ЎТИН СОТИШ
Тўғри, динимизда ҳақиқатан ҳам текинхўрлик ва тамбаллик қораланади. Ҳатто Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дуоларида дангасаликдан паноҳ сўраганлари бор. Шунингдек тиланчиликдан қайтарганлар.
Жумладан ансорлардан бир киши келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўрганларида:
-   Уйингда бирор нарса йўқми? – деб жавоб берганларлар. Ансорий:
-   Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – деб жавоб берди.
-   Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
-   Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
-   Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
-   Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди бошқаси.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанга сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:
-   Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
-   Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
-   Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Бахтиёржон ХАЙИТБОЕВ. Асака тумани. Мулла Абдулазиз жомеъ масжиди имом хатиби
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  06 Iyun 2019, 11:39:48

ТИЛАНЧИЛИК ҲАҚИДА
Тиланчилик тобора кўпайиб бормоқда. Балки аҳоли сони ошганлигига нисбатан олганда уларнинг сони ҳам ошиб бораётган бўлиши мумкин. Лекин асосий ташвишли томони тиланчилик авваллари одамлар наздида орият ҳисобланган бўлса, ҳозир тиланчилик қилгувчилар ўз “касби”дан ор қилмайди. Балки тирикчиликнинг айби йўқлигин рўкач қилишади.
Тинланчилик ҳақида шариатимиз кўрсатмаларига мурожаат қиламиз:
Ислом дини меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсон учун осонлик билан ҳалол ризқ топиш йўлини кўрсатиб берган. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади.
Масалан, мол-дунёси кўпайиб, маълум миқдорга етган ва белгиланган муддат давомида эҳтиёждан ортиқча бўлиб турган бой кишилар закот берадилар. Иқтисодий имконияти бу даражага етмаган кишилар ҳам савобдан баҳраманд бўлиши учун ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади. Айни пайтда, муҳтож кишилар ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмай, иффатли, қаноатли бўлишга чақирилади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир. Хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик билан сўрамайдилар», оятини ўқинг», дедилар».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набийимиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ўзида етарли нарса бўлатуриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тирналган ҳолда келади», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча?» дейишди. У зоти бобаракот: «Эллик дирҳам», дедилар».
Шу ва шу мазмундаги бошқа шаръий далиллар асосида етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром, деган ҳукм чиқарилган. (islom.uz)
Динимиз тиланчилик қилишдан қайтарган бўлиб, бу борада ҳадисда айтилишича, ансорийлардан бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тиланчилик қилиб келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан:
“Уйингда бирор нарсанг борми?” деб сўрадилар. У:
Ҳа, остимизга солиб ўтирадиган бўйра ва сув ичадиган хумчамиз бор, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Уларни олиб кел”, дедилар. Олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўлларига олиб:
“Бу иккисини ким сотиб олади?”, деб сўрадилар. Бир киши:
Мен бир дирҳамга оламан, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бир дирҳамдан кўпроқ беради?”, деб икки-уч марта такрорладилар. Бошқа бир киши:
Мен икки дирҳамга сотиб оламан, деди. Расулуллоҳ икки дирҳамга сотиб, пулни ансорийга бердилар ва:
“Бир дирҳамига оилангга таом сотиб ол, иккинчисига эса, болта сотиб олиб олдимга келгин”, дедилар.
Болтани сотиб олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёғочдан соп ясаб бердилар ва:
“Энди бориб ўтин териб сотгин ва ўн беш кун меннинг кўзимга кўринма”, дедилар.
Ўн беш кун ўтин териб, сотиб ўн дирҳам даромад қилди. Унга кийим-кечак ва таом сотиб олди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Мана бу ишинг қиёмат куни юзингда тиланчиликнинг асаридан доғ пайдо бўлишидан кўра яхшироқдир. Тиланчилик фақат уч кишига мумкин: ўта қашшоқ кишига, ночор қарздор кишига ва зиммасида товон тўлаш мажбурияти бўлган кишига” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти. Жума тезиси).


Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan