АТРОФ МУҲИТ ТОЗАЛИГИ
Атроф-муҳит покизалиги, тозалик ва озодалик ҳақида кўплаб гапириляпти. Кўплаб чора тадбирлар эвазига юртимиз кундан кунга яшнаб боряпти. Ободончилик аввалги режада бўлмоқда. Лекин баъзи ҳолатлар ачинарли бўлиб қолмоқда. Айниқса ариқларга, оқин сувларга ахлат ташлаш ҳали-ҳануз давом этмоқда. Ота-боболаримиз сувга тупуришни гуноҳ санаганлар. Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган бу буюк неъматни қадрлаганлар. Кўчаларни ҳам ҳамиша покиза ҳолатда олиб келишга қаттиқ уринганлар. Чунки поклик динимизнинг, Раббимизнинг буйруғи ҳисобланади. Шу сабабдан ҳамиша покликка риоя қилишимиз лозим, хусусан мана шундай улуғ кунларда ҳашарлар қилиб кўпчилик билан бажариладиган катта ишларни амалга оширишимиз лозим.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Имон етмиш неча (ёки “олтмиш неча”) шўбадир. Унинг афзали Ла илаҳа иллаллоҳ калимаси. Ақаллиси озор бергувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаш” деганлар.
Саҳобаи киромлар бу борада бизга намуна бўлишган. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳуни Басрага волий қилиб юборганида, у киши Басра аҳлини йиғиб, уларга шундай деган:
“Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Раббингизнинг Китобини, пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишим ва йўлларингизни тозалашим учун юборди”, деди.
Одамлар оғзи очилиб, лолу-ҳайрон қолдилар. Чунки улар одамларга таълим-тарбия беришлик, дин таълимотларини ўргатишлик волийнинг зиммасидаги ишлардан эканини билишар эди. Аммо йўлларини тозалаб бериш ҳам унинг зиммасидаги ишлардан экани улар учун янги гап эди.
Улар волий ўзини халқнинг хизматкори деб биладими, деб ҳайрон қолишди.
Ҳа, Исломни яқиндан билмайдиган кишиларга бу жуда ҳам ғалати туйилади. Аслида бу оддий ҳолдир. Чунки динимиз поклик динидир. Динимизда поклик иймондандир. Атроф-муҳитни пок сақлаш эса ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Кимсанбой Акбаров. Ҳолмадодхоҳ масжиди ноиб имоми
Абдуқолсим Ҳолматов. Бобожон қори масжиди имоми