Umumiy bo'lim > Rasululloh SAV va sahobalar

Hazrati Abu Bakr roziyallohu anhu hayotlaridan hikoyalar

<< < (4/4)

MirzoMuhammad:
ИНСОНЛАРНИНГ САДОҚАТЛИСИ
Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотига сабаб бўлган хасталикларида мажолсиз ҳолда чиқдилар ва минбарга кўтарилиб шундай дедилар:
-   Бандага дунё ва унинг зийнати таклиф қилинган эди, у охиратни ихтиёр қилди.
Бу сўзларнинг маъносини Абу Бакр Сиддиқдан бошқа ҳеч ким яхши англамади.
-   Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин! Нафақат ота-онамиз, балки, ота-боболаримиз, фарзандларимиз, ўзимиз ва молларимизни ҳам Сизга фидо қилайлик! – деб йиғлаб юборди у.
-   Йиғлама, эй Абу Бакр! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Шубҳасизки, мен учун инсонларнинг энг садоқатлиси – Абу Бакр. Агар инсонлардан халил – дўст тутсам эди, Абу Бакрни тутган бўлур эдим. Лекин у менинг исломий биродарим. Масжид эшиклари, Абу Бакрнинг эшигидан ташқари бирортаси ҳам қолмай беркитиб ташлансин! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу яна йиғлади ва:
-   Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Сизники эй Аллоҳнинг расули! – деди.

Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф масжиди имоми.
Сарварбек Йўлдошев. Мирзо Шариф масжиди имоми.
Асака тумани

MirzoMuhammad:
СИДДИҚ (разияллоҳу анҳу)
  Абу Бакр Сиддиқ Ислом умматининг афзали, саҳобалар сардори, авлиёлар авлиёси, тақводорлар пешвоси, мўминлар имоми, мусулмонларнинг ибрат маёғи хамда пайғамбарлардан сўнг Аллоҳ таолога энг яқин банда эканликларига ижмо қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу умматнинг ўз пайғамбарларидан кейинги энг афзал кишилари Абу Бакр ва Умардир», деб марҳамат қилганлар» (Аҳмад ва ибн Можжа ривояти).
Абу Бакр розияллоҳу анҳу «атиқ» ва «сиддиқ» деб лақабланганлар. У зот қадри баланд, шаъни улуғ, ҳаёси кучли, тақводор, раҳмдил, ҳалол савдогар, саҳий, жуда ҳам ақлли инсон эдилар. Ҳаётлари давомида бирор марта ҳамр ичмаган, бут ва санамларга сиғинмаганлар. Аллоҳнинг розилиги учун йигирмадан ортиқ қулларни озод қилганлар. (http://www.e-bozor.com/novza/index.php/maqolalar12/tarix/693-abu-bakr-siddik-r-a-ning-fazilatlari)
Умматнинг энг афзали, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун энг суюкли инсон бўлган. У Расулуллоҳдан сўнг бу умматнинг энг яхши кишисидир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Пайғамбарлардан сўнг қуёш чиқиши ва ботишида Абу Бакрдан афзал инсонни кўрмагандир”, дея марҳамат қилганлар (Абу Нуъайм).
   Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг “Сиддиқ” деб номланишининг сабаби  Исро воқеасидан сўнг мушриклар Абу Бакрга:
-   Дўстингиз бир кечада Маккадан Қуддусга бордим, деб айтяпти, -  дедилар. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
-   Рост айтибди, -  деб тасдиқ жавобини берди. Ушбу сўзлар “Сиддиқ” деб ном берлишига асос бўлди. Тафсири “Улусий”да келишича: “Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этганлар (мўминлар) – айнан ўшалар тақволи зотлардир” (Зумар, 33) оятидаги “Ростликни келтирган зот” Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, “уни тасдиқ этганлар” эса, Абу Бакрдир , деб тафсир қилинади.

Хайитбоев Бахтиёржон. Асака т. "Мулла Абдулазиз"  жомеъ масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
Саҳобаларнинг улуғи
Саҳобаларнинг улуғи, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин ҳамроҳи Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳаёти ҳақиқатан ўша мартабага муносиб бўлган. Кўплаб саҳобалариннг мусулмон бўлишлигига сабабчи бўлган. Манбада келтирилишича (“Абу Бакр Сиддиқ”. Аҳмад Лутфий Қозончи. ziyouz.com kutubxonasi) Усмон бин Аффон, Абдураҳмон бин Авф, Билол бин Абу Рабоҳ, Ҳолид бин Саид каби ислом шарафи ҳисобланган бир гуруҳ кишилар ҳазрат Абу Бакр (р.а.)нинг шарофати билан иймон ва ислом доирасидан жой олгандилар.
Исломга ошкора даъват бошланиши билан иймон келтирган бечора мўминларга ҳам азоб даври бошланди. Бу қийноқларни руҳида ҳис қилган ҳазрат Абу Бакр (р.а.) чорани уларни қулликдан қутқаришда деб ўйлади. Шу кунгача тўплаган давлатини Аллоҳ таоло ризолиги учун сарфлади.
Азоб чеккан қулларнинг хожалари билан савдога киришди. Билол, Амр бин Фуқайра, Зубёна, Зимурра, Наҳдиййа ва Умму Абас номли икки эркак, тўрт аёл ҳазрат Абу Бакр (р.а.) томонидан сотиб олинди ва дарҳол озод қилиниб, ҳурриятга эришдилар.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло томонидан юксак тақдирланди. Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Жаҳаннамдан озод килинган инсонни кўриш билан бахтиёрлик ҳис қиладиганлар бу одамга боқсинлар» дея ҳазрат Абу Бакрни кўрсатдилар.
Кунлардан бир кун яҳудийларнинг мажлисига кириб қолди. У жойда Минхос исмли руҳоний ўтирган эди уни Исломга даъват қилиб:
-   Эй Минхос, сен Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло томонидан ҳақлик билан юборилган расули эканлигини яхши биласан. Ул зотнинг номини сизларнинг Таврот ва Инжилларингизда кўргансансизлар, – деди.
-   Эй Абу  Бакр! Биз қандай қилиб ўзи камбағал, бандаларидан пора олгувчи Худога ибодат қилайлик, Ўз   оятида “Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир” – деган бўлса?! Шундоқ экан сизларнинг Худойингиз камбағал ва бизлар боймиз! Ва биз камбағал Худога ибодат қилмаймиз! – деди Минхос.
Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ғазаби қўзиб, яҳудийга ташланди ва дўппослай бошлади. Яҳудий қочиб бориб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келди. Абу Бакрнинг устидан шикоят қилди ва шунчаки ўзаро гап-сўз учун дўппослади деб, айтган сўзидан тониб олди. Шунда Абу Бакрнинг сўзларини тасдиқлаб, яҳудийга аламли азобнинг ваъдасини эълон қилиб Ҳақ Жалла ва Алонинг Каломи нозил бўлди:
قَدْ سَمِعَ اللّهُ قَوْلَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ فَقِيرٌ وَنَحْنُ أَغْنِيَاء سَنَكْتُبُ مَا قَالُواْ وَقَتْلَهُمُ الأَنبِيَاء بِغَيْرِ حَقٍّ وَنَقُولُ ذُوقُواْ عَذَابَ الْحَرِيقِ
“Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Набийларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз.

Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. "Имом Муҳаммад" жомеъ масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
Абу Бакрнинг туши
(разияллоҳу анҳу)
Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Куҳофа розияллоҳу анҳу Макканинг Қурайш қабиласи Тамим уруғидан, милодий 573 йили туғилганлар. Исмлари Абдуллоҳ, оталарининг исми Усмон (куняси Абу Куҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи Мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар.
Абу Бакр билимдон, бадавлат киши бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар.  Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ йўлида сарфлаганлар. Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар. Исломни ҳеч иккиланмай қабул қилганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожларини эшитган заҳоти тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони берилган. (http://siyrat.uz/?p=1954)
Бир куни тушида ой Маккага тушиб, ундаги ҳар бир уйга нур таратганини кўрди. Кейин ҳамма нур у кишининг кўкрагида жам бўлди. Бу тушидан бир неча кун ўтиб, Ҳазрати Абу Бакр Шомга тижорат учун сафар қилди. Кўрган тушини йўлда учраган бир роҳибга айтди. У аҳли китоблардан бўлиб, Буҳайро роҳиб дейишарди. У Абу Бакрга тушини таъбирлаб:
"Агар гапинг рост бўлса, тезда сенинг қавмингдан бир пайғамбар чиқади, сен унинг вазири ҳамда дўсти бўласан. Пайғамбар вафот этгандан сўнг халифаси – ўринбосари бўласан", деди. Яна айтдики: "Келиши кутилаётган пайғамбарга ҳамма одамлар эргашади ва уларнинг орасида энг бахтлиси сен бўласан!"
Бу гаплардан Абу Бакр бениҳоя хурсанд бўлди. Аммо шундай бўлсада, ҳақиқатни излашдан тўхтамади. Яманга етиб борганида, ахли китоблардан бўлган аздлик бир кишини учратди. У Абу Бакрга:
"Сен ҳарам аҳлидан бўлсанг керак-а?", деди. Сиддиқ:
"Ҳа", деб жавоб берди.
"Курайшликмисан?"
"Ҳа, шундай"
Аздлик киши яна деди:
"Сен Таймий қабиласидан бўлсанг керак?"
"Ҳа".
"Сен тўғрингда мени бир нарса ўйлантиряпти?"
Абу Бакр унга савол назари билан боқди.
Аздлик киши айтди:
"Мен бир хабар эшитдим".
"Нима экан у? Аввал айт-чи?"
"Билишимга қараганда, яқинда Маккадан бир пайғамбар чиқади. Ёш ёки ўрта ёш, оқ юзли, озғин ва қорни ичига кирган бир киши унга ёрдам беради. У бало-офат ва кийинчиликларни енгиб ўтади. Унинг қорнида бир шаммома (хушбўйлик белгиси) ва чап сонида бир аломати бор".
Атийқ қорнини очиб, киндиги устида ва чап сонидаги белгиларни кўрди.
Аздлик киши овозининг борича:
"Каъбанинг Роббига қасамки, сен ўшасан", деб қичқирди.
Тижорат тугаганидан сўнг Маккага қайтиш вақтида аздлик киши Абу Бакрнинг ёнига келиб:
"Сен менинг шеърларимдан мана бу байтларни ёдлаб ол. Бу ҳақда пайғамбарингга етказасан", деб шеър ўкий бошлади. Абу Бакр у байтларни ёдлаб олди.
Тижорат сафаридан қайтгач, у кишининг ҳузурига Қурайш қабиласининг улуғлари - Уқба ибн Абу Муъайт, Робиънинг икки ўғли Утба ва Шайба, Амр ибн Ҳишом ва Ос ибн Воиллар келишди. Улар:
"Эй Атийқ, Абу Толибнинг асраб олган боласи пайғамбарликни даъво қиляпти. Агар сен у билан кўришишни истамасанг, биз ҳам у билан кўришишни истамаймиз", дейишди.
Уларни яхшилик қилишга буюрди. Сўнгра Пайғамбаримизнинг уйларига бориб эшикни таққиллатди ва киришга изн сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом чиқдилар ва у кишини:
"Аллоҳ сени дўзахдан халос этди", - дея қарши олдилар.
Абу Бакр Муҳаммад алайҳиссаломга қаради ва йўлдаги воқеаларни эслади. Тушда кўрганларини кўз олдига келтирди. Пайғамбаримиз с.а.в. Абу Бакрга айтдиларки:
"Эй Абу Бакр, мен Аллоҳнинг сенга ва жамийки ер юзидаги инсонларга юборган элчисиман. Менинг пайғамбарлигимга ва Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтир".
Шунда Абу Бакр (р.а.) сўради:
"Бунга қандай далилингиз бор?"
Ростгўйлар ростгўйи бўлган Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
"Сенга сафарда аздлик шайх берган байтлар" ёдингдами?
Абу Бакрга роҳиб бу байтларни ўргатган вактда олдиларида ҳеч ким йўқ эди. Абу Бакр хурсанд бўлиб сўради:
"Эй дўстим, сизга бу хабарни ким етказди?"
Ҳаводан олиб гапирмайдиган зот Расулуллоҳ алайҳиссалом:
"Мендан олдин келган пайғамбарларга ҳам бундай хабарларни етказган улуғ фаришта", дедилар.
Абу Бакр ибн Абу Қаҳофа бу сўзларга шубҳаланиб тараддудланмади, балки ҳеч иккиланмай рисолани тасдиқлади.
"Менга қўлингизни беринг. Мен гувоҳлик бериб айтаманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва албатта сиз Аллоҳнинг расулидирсиз", деб Расулуллоҳнинг ҳузуридан хурсанд ҳолда чиқди ва исломни қабул қилган илк эркак киши бўлди.
(Расулуллоҳнинг издошлари. Абдулазиз Шанавий. ziyouz.com kutubxonasi)

Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. "Икром ҳожи" жомеъ масжиди имом хатиби

MirzoMuhammad:
Абу Бакр разияллоҳу анҳу ва ибн Дағна
Абу Бакр Сиддиқ (тўлиқ номи-Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қаҳҳофа ибн Омир; 571 — 634) — Муҳаммад (сав) даъвати билан исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, дастлабки тўрт халифадан биринчиси (632—634). Муҳаммад(сав)нинг энг яқин сафдоши, қайнотаси (Ойшанинг отаси). Йирик савдогар. Макканинг қурайш қабиласидан. Исломга киришдан олдин исми Абдулкаъба эди. Абдулло исмини Муҳаммад (сав) қўйган. Сиддиқ деб аталишига сабаб шуки, исро ва меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаган. Муҳаммад пайғамбар (сав) унга Сиддиқ, яъни имони кучли деб лақаб берди.
Маккадан Мадинага ҳижрат қилишда Муҳаммад(сав)га ҳамроҳ, ғорда ҳамнишин бўлди. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Худайбия ва бошқа жойлардаги жангларда иштирок этди. Абу Бакр Сиддиқ обрўли ва бадав-лат киши бўлгани учун кўп одамларга ёрдам қилди, чунончи, Билол Ҳабашийни қулликдан сотиб олиб, озод этди. Муҳаммад(сав) вафотидан кейин биринчи халифа бўлиб сайланди (632). Араб қабилаларининг Мадина ҳокимиятига қарши кўтарган қўзголонларини бостирди. Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида араблар Ироқ ва Сурияни фатҳ қилди. Абу Бакр Сиддиқ Мадинада вафот этди ва Муҳаммад (сав) ёнига дафн қилинди. (Википедия)
Абу бакр Сиддиқ ислом динини қабул қилгани учун кўп азият чeкди. Мушрикларнинг зулми жонидан ўтиб кeтгач, Ҳабашистонга ҳижрат қилишга қарор қилди. Маккадан бeш кунлик йироқдаги Баркўлғимод дeган жойга етиб кeлганда ибн Дағна дeган киши билан учрашиб қолди. Ибн Дағна қора қабиласининг оқсоқоли эди. У Абу бакрдан қаерга кeтаётганини сўради. Абу бакр қабиладошларининг зулмидан қочиб, юртидан бош олиб чиққанини, Аллоҳга ибодат қилишдан бошқа нияти йўқлигини айтди.
"Йўқсилларнинг ҳолидан хабар олсанг, хeш-ақробаларингга силаи-раҳм қилсанг, ожизларни қўлласанг, мeҳмонларни очиқ чeҳра билан кутсанг, мазлумлардан ёрдамингни аямасанг, сeндeк одамни юртидан ҳайдаб  чиқаришадими? Бу қандай ноинсофлик, — дeди ибн Дағна. — Юр, юртингга қайт, сeни мeн ҳимоямга оламан. Ибодатингни туғилиб ўсган жойингда қил".
Икковлон биргалашиб орқага қайтишди. Ибн Дағна қурайш оқсоқолларига учрашиб, Абу бакрдeк одамни юртига сиғдирмаслик адолатдан эмаслигини айтди. Ибн Дағнанинг ўртага тушиши қурайш оқсоқолларига қаттиқ таъсир қилди.
"Абу бакрга айт. Худосига ҳовлисида ибодат қилсин, Каъбада Қуръон ўқиб бизни ранжитмасин. Ошкора диний фаолият олиб бормасин. Унга эргашиб бола-чақамиз йўлдан озишидан қўрқамиз", дeйишди улар.
Абу бакр бу талабларга рози бўлди. Тоат-ибодатини ўз уйида адо этавeрди. Кeйинчалик ҳовлисига масжид қурдириб, ошкора ибодат қилишга ўтди. Мушрикларнинг бола-чақалари, аёллари кeлиб, унинг қандай намоз ўқишини, Қуръон тиловатини қизиқсиниб кузата бошлашди. Абу бакр кўнгли бўш одам эди. Қуръон ўқиганда ўзини тутолмай ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди. Қурайш оқсоқолларининг юрагига баттар ваҳима тушди, дарров ибн Дағнани чақиртириб кeлиб дийдиё қилишди:
"Сeн ўртага тушганинг ҳурмати учун Абу бакр қайтиб кeлишига, ҳовлисида намоз ўқишига рози бўлган эдик. Лeкин иззатини билмаган бу кимса ҳовлисига масжид қурдириб, ошкора ибодатга ўтди. Бола-чақамиз унинг ҳовлисидан бeри кeлмай атрофида ўралашиб юришибди. Улар йўлдан озиб кeтишидан қўрқяпмиз. Агар яширин ибодат қилишга, баланд овозда Қурон ўқимасликка ваъда бeрса бeрди, бўлмаса, энди сeн ўртага тушма, ҳомийликдан воз кeч, бу одам ўртага тушишингга арзимайди. энди унинг ошкора ибодат қилишига йўл қўёлмаймиз", дeйишди.
Боши қотган ибн Дағна:
«Эй Абу бакр, иккаламиз яхши ниятда аҳду паймон қилишган эдик. Сeн ё ўша пайтдаги ваъдага биноан иш тутишинг, ё мeнинг ҳомийлигимдан воз кeчишинг кeрак. Ссн туфайли одамлар орасида ибн Дағна лафзида турмас экан, дeган гап тарқалишини истамайман", дeди.
Абу бакр унинг ҳомийлигидан воз кeчиб, Аллоҳнинг ҳимоясига суяиажагини билдирди. Уларнинг ўртасидаги аҳднинг бузилиши Абу бакрга жуда кўп ташвиш кeлтирди. Ўша пайтда мушриклардан жабр кўрмаган мусулмоннинг ўзи йўқ эди. Лeкин бу азоб-уқубатлар уларни диндан қайтармади, аксинча имонларини мустаҳкамлади. (Нурул яқин. Муҳаммад Хузарий. www.зиёуз.cом кутубхонаси)

   Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. "Имом Абу Юсуф" жоме масжиди имом хатиби

Navigation

[0] Message Index

[*] Previous page

Go to full version