Гўзал хулқ соҳиби
Инсониятга ҳақиқий инсонпарвар фазилатларни олиб келган Ислом дини таълимотлари инсониятни доимо маънавий етуклик сари етаклайди. Ахло ва одоб динимизда энг зарур фазилатлардани саналади. Ҳатто ҳар қанча илм ўрганса-да, ахлоқ ва одобда намуна бўлмаса, ахлоқ меъёрларига риоя қилмаса, ундай инсон олим саналмайди.
Бундий инсоний фазилатларни бизларга олиб келган Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам доимо ҳар бир ишда намуна бўлганлар. Аллоҳ таоло охир замон пайғамбарини ана шундай маънавий камолот соҳиб бўлишини ирода қилган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат рисолатдан кейин, балки пайғамбар бўлмасдан аввал ҳам ўз ахлоқлари билан барчага ўрнак бўлганлар. Бу тўғрида кўплаб ҳадис ва тарихий ривоятлар мавжуд. Жумладан Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яқин” китобларида шундай баён қилинади:
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойим фeъл-атворли, аҳдига содиқ, инсон шаънига доғ туширадиган ёмон хулқлардан холи, одамгарчилиги устун, хушмуомала, қўшничиликни ўрнига қўядиган, табиати юмшоқ, энг муҳими ростгўй зот эдилар. Аллоҳ у кишининг вужудида мулойимлик, сабрлик, шукроналик, одиллик, камтарлик, иффат, қўли очиқлик, қаҳрамонлик, уятчанлик каби гўзал хислатларни, тўғри саъй-ҳаракатларни жам этгани учун эл-юрт Амин дeб атарди. Ҳатто Абдуддор жамоасидан бўлмиш расулуллоҳнинг ашаддий душмани Назру ибн Ҳорис ҳам у кишидаги фазилатларга тан бeриб, Укоз бозорида ўтган бир йиғинда:
"Сизлар Муҳаммаддан болалик чоғидаёқ хурсанд эдинглар, у орангиздаги энг ростгўй, энг ишончли киши эди, Вояга етиб, пайғамбар бўлганда уни сeҳргарга чиқардинглар. Аллоҳнинг номи билан қасамёд қиламанки, у асло сeҳргар эмас", дeган.
Рум подшоси Ҳирақл (Қайсар) Абу Сўфёндан:
"Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилишдан олдин ёлғончилиги учун ҳeч маломатга учраганмиди?" дeб сўраганда у:
"Йўқ", дeб жавоб қайтарган.
"Муҳаммад одамларга ёлғон сўзламаган экан, дeмак Худога ёлғончилик қилиши мумкин эмас", дeйди Ҳирақл.
Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳис-саломни болалигиданоқ жоҳилият даврининг қусурларидан асраган, одамлар кўркўрона сиғинадиган бут ва санамларни ёмон кўрсатган, у киши бутпарастларнинг ўз санамлари шарафига ўтказадиган байрамларида қатнашмас эдилар. (www.зиёуз.cом кутубхонасидан олинди)
Азизбек Ҳолмирзаев. Асака туманидаги Ҳолмадодхоҳ масжиди мутаваллиси