Тўй - маъракаларда, йиғинларда ва оммавий ахборот воситалари орқали тўйлардан олдинги ва кейинги беҳуда дахмазалар ҳақида неча бора қайта - қайтадан тарғиб қилинишига қарамай, ҳамон тўйларимизда на шариатга, на миллий қадриятларимизга ва на маданиятга тўғри келмайдиган ортиқча дабадаба ва чиранишлар давом этаётганга ўхшайди. Аслида ҳам шундайми? Бу саволга шошилмай мулоҳаза юритиб жавоб берсак, Аллоҳга шукрки, тарғиботларимиз ҳар ҳолда наф бермоқда десак тўғри бўлади. Чунки секин - аста имон ва инсофли инсонлар ҳақиқатан ҳам қўлидан келганича кераксиз харажатлар ва, айниқса келин тарафга солинаётган “солиқлар”га чек қўймоқдалар. Демак тарғиботлар фойда бермоқда.
Аслида ҳам шундай бўлмоғи керак. Зеро Аллоҳ таоло “Зариёт” сурасида эслатма қилиби туришимизга амр қилган:
وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنفَعُ الْمُؤْمِنِينَ
“Ва эслатгин, чунки эслатма мўъминларга манфаъат беради”. (Зориёт. 55)
ТЎЙЛАРДАГИ МАШМАШАЛАР
Фиқҳ китобларида баён қилинишича ҳар бир мўъмин инсон балоғатга етиб, оилада ўз вазифасини адо этиш қобилиятига эга бўлганда никоҳ билан оила қуришлиги суннат бўлади. Суннат амали ибодат эканлигини эътиборга олсак, ибодат қилгувчи шу амалнинг илмини билишлиги лозим бўлади.
Хусусан ўғил бола оиладаги эрлик вазифаларини яхши билмоғи ва унга амал қилмоғи керак. Уйланиш ва оилани бошқариш имкони бўлмаса, имкон топгунича иффат ила сабр қилиб, етарлик маблағ топиш учун ҳаракат қилиб бормоғи керак.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларга хитобан:
“Билингларки, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари уларга либос ва таомларини чиройлик қилиб бермоқларингиздур” – деганлар. (Амр ибн Ахвас разияллоҳу анҳудан Термизий ривояти)
Оила ҳақидаги китобларда ёзилишича оиладаги барча харажатлар эркакнинг зиммасида бўлади. Имкони борича турмушни фаровон қилишга ҳаракат қилади. Уй - жой, озиқ-овқат, кийим кечак, зарурат бўлиб қолса гўдак учун энага ёллаш ва бу каби харажатлар эркакнинг вазифаси саналади. Аёл касал бўлиб қолса даволатади.
Ҳа, уйланиш дегани шунчаки эрмак ва табиий эҳтиёжгина эмас, балки Тангрининг олдида ва хотин, бола-чақа олдида, жамият олдидаги улкан масъулият саналади.
“Нисо” сурасининг тафсирига кўра “Эркаклар хотинлар устидан қоим(раҳбар)дурлар”(34-оят).
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء
Раҳбар эса ўз қарамоғидагилар учун жавоб беради. Қўл остидагиларнинг таъминоти ҳам унинг зиммасида бўлади. Эркак киши оилани шариат андозаларида бошқарса, иншооллоҳ, турмуш чиройли, оила аъзолари бахтли ва аҳил бўладилар. Бунинг акси ўлароқ ёш оилаларнинг беҳудага бузилиб кетишлари, уруш-жанжаллар, фарзандларнинг сарсон бўлишлари – булар ҳаммаси оилада исломий шарқона тарбия ва бошқарувнинг йўқлигидан келиб чиқади.
Кейинги пайтларда пайдо бўлган бидъатлар жуда ҳам бебошликдан бошқа нарса эмас. Айниқса қиз чиқаргувчи хонадонлар анчагача ўзларини эплай олмай қомоқдалар. Ҳозирги тўкин-сочин даврда сеп учун олинадиган кийим кечакларнинг турлари жуда ҳам кўпайиб кетган. Бу эса анчагина маблағни талаб қилади.
Камига қизга қўшиб яна аллламбалоларни қўшиб беришлар ортиқча. Келин кирадиган уйга фалон сўмга элита пардалар олиб, уни тиктириш, қимматбаҳо гиламлар тўшаш, бир қанча кўрпа-тўшак, мазар едига фалонча сават, куёвнинг жўраларига халтачалар...
Булар ҳали ҳаммаси эмас, мебел, тўшама ётоқ (спальний)... булар жуда ҳам ортиқча десам, бу ҳам ҳолва экан.
“Фалончи ўғлини уйлаган экан, келин томон сўри олиб келибди”.
Машина, хизматкор аёл қўшиб бериши-чи? Агар шу нарсаларни уялмай-нетмай, бети жимирамай куёв томон талаб қилсачи? Инсоф борми ўзи?!
Ана энди эсон-омон тўйни ўтказиб олдим, деб қиз узатган тин олармикин? Йўқ, ҳали давоми бор! Қизнинг орқасидан кунига уч тўрт маротаба тугун ташиш! Устига-устак уйи олисроқда бўлса...
Аввало қиз узатган оила ўзининг босар-тусарини билши лозим. Қолаверса, куёв томон ҳам инсоф қилмаса бўлмайди. Олиб келганини еб ётавермай, қиз томоннинг оворагарчилигига чек қўйиши керак.
Яқинда қиз чиқарган ота: “Нақд ўн кунгча кунига тўрт маҳалдан овқат ташиттирди-я!” – деб қолди.
Қаранг, уларга ҳам ҳавас эмас экан. Балки оғриниб қолар экан. Шундай ҳолатда ҳам индамай тугунларни қабул қилиш ҳеч қандай миллат, халқ, дин ва урф-одатда бўлмаса керак. Ҳадемай ҳали хайит-байрам, туғилган кун, яна алланарсалар бор.
Юқорида қанча харажатларни айтдик. Булар ҳаммаси асосан эрнинг вазифаси эмасми? Қиз боққанга шунча жабру-жафо учун уялиш керак. Шоира опамиз айтгандек:
Марҳабохон, уққаним –
Гўнгга ғунча суққаним,
Айбим қиз туққаним!
деб йиғлаб ўтириш керакми?
Кейинги пайтларда тарғибот ишларининг самараси ўлароқ айрим куёв томондагилар келаётган тугунларни қайтариб юбормоқдалар. Яна баъзилари тўйдан бурун ортиқча харажатларни йўқотишга келишиб ҳам олмоқдалар. Ҳатто кези келса қўполроқ қилиб бўлса ҳам: “Биз ўзимиз келинимизни боқиб олишга қодирмиз, яна тугун олиб келсангиз дарвозадан киритмаймиз!” – деб пўписа қилиб қўймоқдалар.
Бу эса баъзи бир ҳижолатда қийналаётган қудалар учун қулайлик туғдирмоқда. Қани энди ҳаммамиз ҳам шулардан ибрат олсак. Қийналиб топган пулларимизни бола-чақага, илму-маърифатга ва бошқа фойдали ишларга сарфласак турмушимиз яна ҳам чиройли бўлар эди.
Улуғбек қори Йўлдошев